Muhammad Zohid Qo'tqu. Ahli sunnat val-jamoat aqoidi  ( 151292 marta o'qilgan) Chop etish

1 2 3 4 5 6 7 ... 21 B


Hanafiy  09 Mart 2008, 07:05:37

Исломда اذا تغير الازمان يتغير الاحكام Яъни, "Замонлар ўзгариши билан ҳукмлар ҳам ўзгаради", деган қоида бор. Ислом баъзилар ўйлаганидек қотиб қолган, догматик дин эмас, балки ҳар қандай давр ва замонда илму фан ҳамда техника тараққиётини қабул қиладиган, уларни илоҳий низомга бўйсундирадиган илғор, тараққиётпарвар дин. "Мишкотул-масобиҳ" китоби III жилдининг "Ашротус-соъати" бобида Имом Термизийнинг Абу Ҳурайрадан ривоят қилган  бир ҳадислари келтирилган. Унда жумладан шундай дейилади: و لعن  آخر هذه  الامة  ا ولها
"Бу умматнинг охири (яъни, охир замонда келадиганлари) аввалгиларни (яъни, аввал ўтганларни ) лаънатлайди",-дейилган. 1450 йил олдин айтилган бу ҳадис, пайғамбаримизнинг ҳақ пайғамбар эканлигига далолат қилувчи мўъжизалардан биридир. Дарҳақиқат, замон охирлашаётганда жоҳил, чаласавод муллалар чиқиб, ўтганларни менсимасдан, ўзларича фатволар бериб, фирқалар тузишга киришмоқда. Ваҳоланки, Аллоҳнинг ўзи Воқеа сурасининг 10-12-оятларида салафи солиҳинларни:

وَالسَّابِقُونَ السَّابِقُونَ.  أُوْلَئِكَ الْمُقَرَّبُونَ.  فِي جَنَّاتِ النَّعِيمِ.

«Барча яхши амалларга пешқадам бўлувчи зотлар жаннат неъматларига эришишда ҳам пешқадам бўлувчи зотлардир. Ана ўшалар ноз-неъматли боғларда Аллоҳ таолога яқин қилинганлардир», деб улуғлаган ва мақтаган. Дин учун илмлари, моллари ва жонларини фидо қилган ҳақиқий мужоҳидларни камситмасликка, ҳақоратламасликка ҳукм қилган. Аслини олганда, Имом Аъзам, Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд каби Аллоҳнинг улуғ бандаларига тил теккизувчи, ҳақир кўрувчи фирқабоз, гуруҳбоз бесавод, эътиқодсизларнинг бутун умр қилган яхшиликлари  улуғ имомлар, машойихлар ва мужтаҳидларнинг бир кунлик қилган амалларига тенг келмайди. Улар Аллоҳ улуғ қилган бандаларини ҳақоратлаш билан, ўзларини Аллоҳнинг душманига айлантириб қўйганларини билмайдилар. 

Qayd etilgan


Hanafiy  09 Mart 2008, 07:05:50

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадиси қудсийда:

   من عادى لي وليا فقد آذنته بالحرب
   
«Кимда-ким менинг валий (яқин) бандамга душманлик қилса, албатта мен унга уруш эълон қиламан", деб пайғамбаримиз ундай калтафаҳмларни ўзининг душмани эканлигини аниқ ва равшан айтган. Албатта, улар ҳақиқий илмга эга бўлганларида эди, бундай ғайриинсоний ҳаракатларга қўл урмаган бўларди.  Биз намуна учун уларнинг фаросат ва ҳикмат илмидан узоқ эканликларини исботловчи биргина мисол келтирдик, холос. Зеро, ундай кимсаларнинг чаласаводликларию эътиқодларининг қусурли эканлиги ҳақида кўплаб далиллар келтириш мумкин. Иншоаллоҳ, мавриди келганда бу мавзуга кенгроқ тўхталамиз.

Хулафои рошидинлардан ҳазрат Умар, ҳазрат Усмон ва ҳазрат Алиларни ўлдирганлар ҳам Қуръон ўқишарди, аммо Қуръони карим оятларининг асл моҳиятини чуқур тушуна олмасалар ҳам, ўзларини билағон, доно фаҳмлаб, калта фикрларини тўғри деб билишарди. Уларнинг меросхўрлари бўлган ҳозирги гумроҳ фирқалар ҳам жоҳилиятда айнан ўшалардан қолишмайди. Шунинг учун “Биз аҳли  қуръонмиз, фақат Қуръону ҳадис билан юрамиз», деб мусулмонларни тафриқага, изтиробга олиб борувчилар ислом ақидасининг мусаффолиги учун жонини фидо қилган уламоларнинг фикрларини менсимай,  ҳисоб-китоб қилмай, сўзсиз ҳақиқатдан  адашганлардир. Исломда мужтаҳидлик даражасига етган қанчадан-қанча улуғ олимлар ўтган бўлса-да, улар ўзларича янги фирқа ташкил қилмасдан аҳли суннат валжамоат мазҳабларидан бирида туриб дин равнақи, мусулмонлар иттифоқлиги йўлида саъй ҳаракатда бўлишган. Зеро, мусулмонлар иттифоқлиги ҳамма нарсадан устун туради. Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам тўғри амалда, тўғри йўлда туриб мусулмонлар ҳолини риоя қилмаган улуғ саҳобалардан бирини огоҳлантириб танбеҳ берганлар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари

   من فقه الرجل ان يطيل الصلوة يقصر الخطبة

“Намозни узайтириб, хутбани қисқартириш кишининг фақиҳлигидандир”, деганлар. Саҳоба Жобир ибн Абдуллоҳ бомдод намозининг зам сурасини узун қилганларида, бир чўпон йигит жамоатдан ажралиб, ўзи ёлғиз ўқиб, чиқиб кетган. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундан хабар топиб, чўпонни чақиртириб,  нима сабабдан жамоатдан ажралиб ёлғиз ўқиганини сўраганларида у, “Ё Расулуллоҳ! Мадинада йиртқичлар кўп, мен чорваларимга масъулман. Имомимиз намозни ҳаддан ошиқ узайтириб юборганлиги учун ўзим қисқароқ қилиб ўқишга мажбур бўлдим“ деди. Шунда Расулуллоҳ унга индамасдан, имомни чақириб жамоатнинг ҳолини риоя қилмагани учун «Эй Жобир! Фитначимисан, фитначимисан», деб койидилар. Демак, олим бўлган киши шароитни тушунадиган, халқнинг ҳолини риоя қиладиган заковатли инсон бўлиши керак.

Фитнага сабаб бўладиган чала мулла бўлишдан Аллоҳ барчамизни асрасин.

Qayd etilgan


Hanafiy  09 Mart 2008, 07:06:27

Камина 1967 йили Бухородаги Мир-араб мадрасасининг биринчи босқичини битириб, ёзги таътилга, уйга келсам, раҳматли отам бемор ётган эканлар. Саломлашиб, ҳол-аҳвол сўрашганимиздан кейин, яхши ўқиб келдингми, деб сўрадилар. Алҳамдулиллоҳ, яхши ўқиб келдим, деб жавоб бердим. Қуръон ўқиб бер, дедилар. Мен Қуръон ўқиб бердим. Отамнинг кўзларидан севинч ёшлари маржондек оқди. Тиловати Қуръондан кейин узундан-узун дуо қилдилар. Сўнг менга юзланиб, «Ўғлим, Аллоҳ бу йўлни ҳаммага ҳам насиб қилавермайди, фақат ўзи севган бандаларигагина насиб этади. Агар отам рози бўлсин десанг, рўзғор ишларини қўявер, таътилни бекорга ўтказма, улуғларимиз «Чала мулла кофир аст», дейишган. Бўлсанг ҳақиқий мулла бўл, чала мулла бўлма. Устозинг муфтий Зиёвуддинхон ҳазратларининг ҳузурларига бориб, бир яхши устоз топиб беринг, таътилда ҳам ўқимоқчиман, дегин», деб оқ фотиҳа бердилар. Ота амрига кўра, Тошкентга муфтий ҳазратларига учраб, отамнинг сўзларини айтдим. У киши отангиз улуғ инсон эканлар, деб отамнинг ҳақларига хайрли дуолар қилдилар. Сўнг халқ орасида «Лазгин домла» номи билан машҳур бўлган Сирожиддин домлага таништириб қўйдилар. Илмга ҳарислигимни сезган устоз, доим мени ўзлари билан илмий суҳбатларга олиб борар эдилар. Шу баҳона замонамизнинг кўзга кўринган улуғ алломалари билан танишдим. Улардан ҳам таълим ола бошладим.

   1975 йили Имом Бухорий номидаги ислом олий маъҳадини битириб чиққан бўлсам ҳам, шу ҳозиргача илм олишдан тўхтаганим йўқ. Қанча кўп ўқисам билганимдан билмаганим кўплигини сезиб бормоқдаман. Ёшим улғайгани сари отамнинг «Чала мулла кофир аст» деган сўзлари нақадар кенг маъноли эканлигига гувоҳ бўлмоқдаман. Айрим чаласавод муллалар билими саёзлигини тан олмасдан, калта фаҳмлилик билан ўзларини ўта билимдон санаб, улуғ устозлар шаънига бўҳтон тошларини отиб, ўзларини доҳий кўрсатиб, турли-туман фирқалар тузаётгани ҳақида ҳам баъзан эшитиб қолмоқдамиз. Энг ачинарлиси, улар ғаразли ниятларини амалга ошириш учун йигит-қизларни алдаб, уч-тўрт ой хуфёна ўқитиб, миясини заҳарлаб, исломга ёт бўлган қўпорувчилик фаолиятини ўргатишга уринмоқдалар. Агарда ёшлар ислом ақидаси илмидан хабардор бўлганида, бундай номақбул жаҳаннам йўлини танламаган бўлардилар.

Qayd etilgan


Hanafiy  09 Mart 2008, 07:07:20

   Истиқлолнинг дастлабки кунларида мустақиллигимизни кўра олмаган ёвуз кучлар халқимизни қайтадан асорат занжирига солиш, юртимизни бўлакларга парчалаб ташлаш, мамлакатимизни биродаркушлик майдонига айлантириш каби қабиҳ ниятларига етишиш учун ҳеч нарсадан тап тортмади. Аллоҳ таоло қадимдан юртимизга раҳмат назари билан қараганлиги сабабидан, Ватанимиздан буюк алломалар, саркардалар етишиб чиқиб, миллатимизни дунёга танитганлар. Аллоҳга беҳисоб шукрлар бўлсинким, юртимизнинг аввалги мавқеини тиклашни ирода қилган доно Юртбошимиз душманларимизнинг ёвуз ниятларини олдиндан зукколик билан сезиб, халқимизни бошига ёпирилиб келаётган балолардан эсон-омон сақлаб қолдилар.
 
   Ёвуз ниятлари амалга ошмаган душманларимиз эндиликда ҳар хил бўлмағур бўҳтонларни ёғдириб, турли туман ҳизб ва фирқаларни маблағ билан таъминлаб, бизга қарши қайрамоқдалар.

   Ислом дини дўстлик ва биродарлик динидир. Бу динда миллатчилик йўқ. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло дунёдаги ҳамма миллатларни бир ота-онадан яратганлигини билдириб, Ҳужурот сурасининг 13-оятида: «Эй одамлар! Биз сизларни бир эркак ва бир хотиндан яратдик, ҳамда бир-бирларингиз билан танишиб, дўст-биродар бўлишларинг учун сизларни турли-туман  халқлар ва қабила элатлари қилиб қўйдик. Батаҳқиқ сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз - тақводорроғингиздир. Албатта Аллоҳ таоло ҳамма нарсани билгувчи ва хабардор Зотдир», деб марҳамат қилган.

Qayd etilgan


Hanafiy  09 Mart 2008, 07:08:04

Ушбу ояти каримада Аллоҳ «Эй одамлар!» деб барча инсонларга қарата нидо қилмоқда, шу билан бирга уларнинг асли бир Одам Ато ва Момо Ҳавводан яратилганини билдирмоқда. Инсонларнинг турли халқ, миллат, элат, қабила-ю уруғлар ҳамда турли шаклда қилиб яратилишидан мақсад ҳам айнан улар ўзаро танишиб, дўстлашиб ва бир-бирларининг урф-одатларини ўрганиб, Аллоҳнинг қудратига тасаннолар айтишидан иборатдир. Баъзи инсонлар мол-дунёлари ҳасабу насаблари билан кибрланиб, ўзларини бошқалардан устун қўйишади. Асллари тупроқ эканлигини унутиб қўяди. Аллоҳ таоло бандаларини жанжал ихтилофлар учун эмас, балки бир-бирлари билан танишиб, дўстлик ришталарини боғлашга буюрганини билдириб, Меним наздимда ҳурматлироғингиз бошқалардан ўзини юқори олиб, бировларга зулм ўтказадиган муштумзўру қотиллар эмас, балки инсонларга раҳм-шафқат қиладиган, раҳмат назари билан қарайдиган, дўстлигу биродарликка чорлайдиган тақводорларингиздир, дейди.

Имом Муслим Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
ان الله لا ينظر إلى صوركم و أموالكم و لاكن ينظر إلى قلوبكم و أموالكم.

«Аллоҳ таоло сизларнинг суратларингизга ва мол дунёларингизга қарамайди. Лекин сизларнинг қалбларингизга ва қиладиган амалларингизга қарайди», деганлар.

Аллоҳнинг наздида инсонларнинг улуғлиги унинг юзини чиройли ёки хушбичимлиги ва бойлиги билан эмас, балки қалбининг гўзаллиги, оқкўнгиллиги, яъни бировларга нисбатан адовати, гина-кудурати, ҳасади, ғаразгўйлиги йўқлиги ҳамда яхши амаллар қилиши билан ўлчанар экан.

Qayd etilgan


Hanafiy  09 Mart 2008, 07:08:16

Инсонлар турли дин, турли мафкурага бўлса ҳам, иноқликда яшаши кераклигини билдириб, Мумтаҳана сурасининг 8-оятида: «Аллоҳ диний жиҳатдан уруш қилмаган ва диёрларингиздан қувиб чиқармаганларга яхшилик ва адолатли муомала қилишдан сизларни қайтармайди», дея бошқа дин вакиллари билан дўстликда ва иноқликда яшамоқликка даъват қилади.

Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 256-оятида: «Динга мажбур қилиш йўқ», деб марҳамат қилган. Кимда-ким: «Менинг йўлим, менинг мафкурам тўғри», деб бошқаларни зўрлаш ва алдаш йўли билан ўз динига, ўз мафкурасига тортмоқчи бўлар экан, албатта у Аллоҳнинг ҳурриятига, унинг иродасига қарши борган бўлади. Қайси инсон Аллоҳнинг хоҳишига қарши бориб ғолиб бўлаоларди?! Ундай нодонлар фақатгина халқ бошига ташвишу кулфатлар келтириб, оқибатда элнинг нафрати ва Аллоҳнинг азобига учрайди.

Ўша фирқалар давлатни қўлга олиб халифалик туздилар ҳам деб фараз қилайлик, унда нима бўлади? Унда шак-шубҳасиз Афғонистоннинг куни бошимизга тушиши эҳтимолдан холи эмас. Нима учун дейилганда, ҳизбчилар ва шунга ўхшаш фирқалар шак-шубҳасиз зўрлик билан ўз мафкураларини амалга оширмоқчи бўладилар. Маълумки, юртимизда яшаб туриб динга эътиқод қилмайдиганлар ва бошқа динга мансуб бўлган миллатлар уларнинг йўлларига юрмайдилар. Натижада ихтилофли жанжаллар, низолар келиб чиқиши табиий ҳол.

Азиз ёшлар! Чаласавод муллаларга эргашиб, тўғри йўлдан адашманглар. Мени қўлга қалам олишга даъват этган куч ҳам фуқароларимизга, айниқса, ёшларга соф ислом мафкураси моҳиятини тушунтириш, уларнинг Ислом динига хилоф, зарарли оқимларга қўшилиб қолишининг олдини олишдан иборатдир.

Qayd etilgan


Hanafiy  09 Mart 2008, 07:08:25

Имом Мотуридий фаолияти ва асарлари

Имом Мотуридий  ҳазратлари ўз ҳаёти ва фаолиятларини суннатдан ташқари чиқиб, адашган кишилар фикрларини синдириш ва ислом ақидасини ҳимоя қилишга бағишлади. X асрнинг биринчи ярмида Муҳаммад ибн Аҳмад Нахшабий қараматийлар ҳаракатига бошчилик қилиб, уни бутун Мовароуннаҳр бўйлаб ёя бошлади. Ўша пайтда подшоҳ Наср II ва унинг аъёнлари ҳам қараматийлар эътиқодини қабул қилишган эди. Наср II тахтини ўғли Нуҳга топширгач, (Нуҳ 943-954 йилларда ҳукмронлик қилган) янги подшоҳ ҳақиқатни билиш учун қараматийлар доҳийси Нахшабий бошлиқ бидъатчилар ва аҳли суннат раиси Имом Мотуридий бошлиқ сунний оқимлар ўртасида мубоҳаса ташкил эттирди. Унда Нахшабий енгилди ва подшо томонидан дорга осилди. Аҳли суннат валжамоат ақидаси тикланиб, устивор таълимот деб эълон қилинди. Аммо ғалаба нашидасини суришга ҳали эрта эди. Чунки бир қанча бузғунчи фирқалар ҳамон фаолиятини давом эттирар ва халқ оммасини ўз томонига ағдариб олишга ҳаракат қиларди. Уларнинг энг хавфлиси мўътазилий фирқаси эди. Булар устамона ниқобланганлигидан уларни суннийлардан тезда ажратиб олиш мушкул, шу сабабли унга алданиб қолиш осон эди. Ҳатго Имом Ашъарий ҳам аввал мўътазилий фирқасида бўлиб, кейин улардан ажралиб чиққан эди. У зот 40 ёшга етганларида мўътазилийлар билан алоқани узиб, суннат ақидасидаги тўрт мазҳабнинг бири бўлган шофий мазҳабига ўтган. Кейинчалик унинг асосида ўз номлари билан аталган Ашъарий ақидасига асос солган.

У зотнинг калом соҳасидаги асосий асари «Мақолатил исломийн ва Ихтилофул мусаллийн» саналади. Имом Ашъарий ҳам мусулмонларнинг ақидасини мусаффолаш учун бутун вужудлари билан ҳаракат қилиб, «Ислом байроғи» унвонига мушарраф бўлганлар.

Qayd etilgan


Hanafiy  09 Mart 2008, 07:08:34

Имом Мотурудий ҳазратлари мўътазила фирқасининг барча мулоҳаза ва эътирозларига жавоб бериб, уларни бирма-бир инкор этдилар ва уларга раддия сифатида ушбу асарларни ёздилар:
1.   «Баёну ваҳмил мўътазила»
2.   «Раддул усули хамса  ли Аби Муҳаммад ал-Боҳилий»

Имом Мотурудий ҳазратлари, мўтазила фирқаси томонидан "Бутун дунё имоми" номи берилган Каъбийнинг фаолиятини қадам ба қадам кузатиб, унинг асарларидаги қусуру нуқсонларни қуйидаги китобларида белгилаб берди:
1.   "Раддул усули адиллати лил Каъбий"
2.   "Раддул таҳзибил жадал лил Каъбий"
3.   "Раддул байти фуссоқи лил Каъбий".

Шунингдек, Рофизий ва қараматийларнинг мулоҳазаларига:
1.   "Ар-радду ала усулил қараматий"
2.   "Раддул китобил Имоми ли баъзи рафовиз"
китобларида ўз фикрларини баён этганлар.

Имом Мотурудий ҳазратлари адашган фирқаларнинг нуқсонларини аниқлаб, уларга раддия қилиш билан биргаликда, ўзларининг машҳур "Ат-тавҳид" ва "Ат-таьвилотул Мотурудия фи баёни усули аҳли суннат ва усули тавҳид" китобларини таьлиф қилдилар. Ислом олами уламолари бу асарларга ниҳоятда юқори баҳо бердилар. Жумладан, Хожа Халифа номли машҳур олим: "Бу тенгсиз бир китобдир. Хатто илми каломда олдин ёзилган китобларнинг ҳеч бири бунга тенг келолмайди. Бу китоб, бошқа китобларга нисбатан жуда равон ва тушунарли ифода этилган", деб юқори баҳо берган.

Qayd etilgan


Hanafiy  09 Mart 2008, 07:08:44

Имом Мотурудий ва Имом Ашъарий ораларидаги фарқ

Мутаххирин, яъни, кейинги давр мутакаллим олимлари томонидан ўрганилиб, ҳисоблаб чиқилишича, бу икки буюк олим ораларидаги ихтилоф бор-йўғи ўн учта кичик фарқлардан иборат бўлиб, уларнинг олтитаси нафсий ва еттитаси лафзий фарқ экан. Қуйида улардан баъзиларини келтирамиз. Имом Ашъарий назарияси бўйича инсон тақдир масаласида бирор эркинликка эга эмас, барча нарса Аллоҳнинг азалий тақдир этишига боғлиқ. Яна У зотнинг фикрича, инсон ички-ботиний хоҳишини (каломи нафсий) бошқариши мумкин. Бунинг муқобили бўлган зоҳирий сўзларни (каломи лафзий) биринчисидан ажратганлар. Яъни, каломи лафзий инсоннинг ўз истаги билан пайдо бўлса, каломи лафзий Аллоҳ томонидан тақдир этилади. Имом Мотурудий ҳазратлари эса Ашъарийдан фарқли равишда, устозлари Имом Аъзамнинг фикрларига таянган ҳолда, инсонда жузъий ихтиёр борлигини тушунтирадилар. У зотнинг фикрларича, инсонларнинг ёмон хулқлари, гуноҳлари Аллоҳнинг иродаси билан  амалга ошса-да (чунки Аллоҳ уни тақдир қилган), лекин унинг розилигисиз амалга ошади. Инсон  ўзининг бу яхши хатти-ҳаракатилари учун нариги дунёда мукофот, ёмон ишларига жазо олади. Яъни, "Аллоҳ ўз бандасининг яхши ишларида мададкор, ёмон ишларида эса уни тарк этади". Мазкур назария кенг миқёсли фалсафий таълимот бўлиб, банданинг масъулиятини ошириб, уни чуқур ўйлашга, гуноҳлардан сақланишга ундайди. Шу билан бирга, ёмон ишларини Аллоҳга тўнкашдан асрайди.

Мен фақирнинг ожизона фикр юритишича, бу таълимот ҳақиқатга яқин бўлиб, Аллоҳнинг ояти каримаси билан ўз исботини топади. Аллоҳ субоҳанаҳу таоло Каф сурасининг 29-оятида:

وَقُلِ الْحَقُّ مِن رَّبِّكُمْ فَمَن شَاء فَلْيُؤْمِن وَمَن شَاء فَلْيَكْفُرْ

«Айтинг (бу Қуръон) Парвардигорингиз томонидан (келган) ҳақиқатдир. Бас, хоҳлаган киши имон келтирсин, хоҳлаган киши кофир бўлсин», деган.

Qayd etilgan


Hanafiy  09 Mart 2008, 07:08:57

Агар инсонда жузъий ихтиёр бўлмаганда эди, Аллоҳ каломида бундай демаган бўлар эди.

Иккинчи мисол. Имом Мотуридий: الإيمان  إقرار  بالسان  تصديق  بالقلب

«Ал имону иқрорун биллисони ва тасдиқин бил қалби», яъни, имон тил билан иқрор қилиб, қалб билан тасдиқлашдир, деган бўлсалар, Имом Ашъарий
الإيمان إقرار بالسان تصديق بالقلب والعمل من الايمان

«Ал имону иқрорун биллисони ва тасдиқун бил қалби вал амалу минал имони", яъни, имон тил билан иқрор этиб, қалб билан тасдиқлаш ва амал ҳам имондандир, деганлар. Ашъарийнинг назариялари бўйича амал қилмаганлар, яъни, Аллоҳнинг топшириқларини бажармаганлар имонсиздир. Бу таълимотга амал қилсак, дунёдаги мусулмонлар сони озчиликни ташкил қилиб, мусулмонлар доираси торайиб қолади. Мотуридий назариялари бўйича имон калимаси
لا اله الا الله محمد رسول الله

"Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадун расулуллоҳ" ни тили билан айтиб, дили билан тасдиқлаган киши имонли банда саналиб, мусулмонлар доираси кенгаяди.

Имом Мотурудий ғоялари бағрикенг таълимот эканлигининг гувоҳи бўламиз. Бу таълимот ҳақиқатга яқин эканлигини Қуръону карим оятлари исботлайди. Аллоҳ таоло муқаддас бўлган Қуръоннинг кўплаб оятларида:
إن الذين آمنوا و عملوا الصالحات

 "Инналлазийна аману ва амилус солиҳоти", яъни, "Албатта имон келтирганлар ва солиҳ амаллар қилганлар", деб солиҳ амал қилганларни  "ва" боғловчиси билан имон келтирганлар жумласига боғлаб келмоқда. Шундан "Солиҳ амаллар" имондан эмаслигига аниқ ва равшан далил бордир. Чунки имондан бўлганда эди "ва" боғловчиси билан боғлаб келмаган бўлар эди.

Qayd etilgan