Muhammad Zohid Qo'tqu. Ahli sunnat val-jamoat aqoidi  ( 151487 marta o'qilgan) Chop etish

1 2 3 4 5 6 7 8 ... 21 B


Hanafiy  09 Mart 2008, 07:09:04

Учинчи мисол. Имом Мотурудий назариялари бўйича имондан истисно бўлиш мумкин эмас. Бир кишидан мусулмонмисан, деб сўралганда у "Алҳамдулиллоҳ мусулмонман", дейиши керак. Чунки у ўзининг мусулмонлигига шак-шубҳасиз, қатъий ишонади. Аллоҳнинг каломи унинг ҳақлигини тасдиқлайди. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ҳужрот сурасининг 15-оятида:

إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ الَّذِينَ آمَنُوا بِاللَّهِ وَرَسُولِهِ ثُمَّ لَمْ يَرْتَابُوا وَجَاهَدُوا بِأَمْوَالِهِمْ وَأَنفُسِهِمْ فِي سَبِيلِ اللَّهِ أُوْلَئِكَ هُمُ الصَّادِقُون

«Ҳақиқий мўъминлар фақат Аллоҳга ва Унинг расулига имон келтириб, кейин (ҳеч қандай) шак- шубҳа қилмаган ва молу жонлари билан Аллоҳ йўлида курашган зотлардир. Ана ўшалар (ўз имонида) содиқ бўлган зотлардир», деб марҳамат қилган.

Ашъарий таълимотлари бўйича, бир кишидан мусулмонмисан деб сўралганда: "Иншоаллоҳ мусулмонман», деса, имонли саналади. Инша аллоҳ сўзи худо хоҳласа, деган маънони беради, яъни, ҳали амалга ошмаган ишга айтилади. Масалан, бир киши Иншоаллоҳ (худо хоҳласа) бу йил ҳажга бораман, деса, эҳтимол борар, эҳтимол бора олмас. Демак, унинг инша аллоҳ деган сўзи аниқ бўлмаган ишга нисбатан ишлатилмоқда. Имонда ноаниқлик, шубҳа дуруст эмас. Бу каби мисолларни бир-бирига таққослаб, мулоҳаза юритсак, Мотурудий ҳазратларининг таълимотлари пишиқ-пухта эканлигига гувох бўламиз.

Qayd etilgan


Hanafiy  09 Mart 2008, 07:09:13

Ақида илмининг зарурлиги

Уламоларимиз мусулмонларнинг ақидаларини тўғри йўлга қўйиш учун ўз замонларида кўпдан-кўп китобларни таълиф қилган. Уларга шарҳлар ёзилгани, сабабли аждодларимиз ақида илмида собит қадам бўлиб, мустаҳкам имонга эга бўлган. Уларнинг давомчилари, меросхўрлари, замондошлари-чи?  Биз тақдир тақозоси билан оғир синов остида қолдик. Юртимизда “қизил империя” ҳукмронлиги даврида аҳли илмларимизнинг кўпи қатл этилди, бир қанчаси бадарға қилинди, ёки азиз жонларини сақлаш учун ҳижратга мажбур бўлди. Оқибатда раҳнамосиз қолган халқимиз алданди, уларга ёт мафкура сингдирилди. Халқимиз ўз ақидаларини унутиб, даҳрий коммунистга айланди. Исломий китоблар йўқотилди. Ислом олийгоҳи ва мадрасаларини битириб чиққан талабалар имомлик вазифаларига тайинланди. Шундан кейин уларнинг соф исломий ақидани яхши билиб, халқимизни мусаффо исломий ақида билан тарбиялашлари осон ва енгил бўлиши учун Аллоҳнинг лутфу карами, авну инояти билан Имом Мотуридий ҳазратлари ақидалари асосида битилган Аҳмад Зиёуддин ал-Комушхонавий ҳазратлари томонидан таълиф этилган “Аҳли суннат валжамоат ақидаси” китобини баҳоли қудрат асос ва далиллари билан шарҳ этишга қўл урдим. Бу китоб нафақат толиби илмларга, балки тўғри йўлдан адашган фирқаларга ҳам манфаат беришидан умидворман. Чунки улар юқорида ёзганимдек, Ислом ақидасидан мутлақо узоқ. Агар ундан хабарлари бўлганида эди, гумроҳ фирқалар қаторига кирмас эдилар.

1897 йилда туғилиб, 1980 йилда вафот этган Муҳаммад Зоҳид Қутқу ибн Иброҳим Ал-Бусирий раҳматуллоҳи алайҳи ҳазратлари ҳам Имом Мотуридий таълимотлари, яъни исломий соғлом ақида илмини олтмишта масала қилиб, китобхонларга осонлаштириб берганлар.

Биз фақир ҳам шу олтмишта масала матнини замонамиз аҳлига аниқ ва равшан, тушунарли бўлиши учун Аллоҳдан мадад сўраган ҳолда далилу исботлар билан ўз она тилимизда баён қилмоқдамиз.

Qayd etilgan


Hanafiy  09 Mart 2008, 07:09:22

1-масала
Имонда шубҳа бўлмаслиги


Саҳобаи икромлардан Шоҳул Муфассирин унвонига сазовор бўлган Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу:
«Мўъмин киши, “Иншааллоҳ мен мўъминман», демайди, балки қатъий қилиб, жазман «Мен ҳақиқий мўъминман», яъни «Аллоҳга ишонаман», дейди. Зеро инсонлар уч турлидир:
1.   Мўъмин
2.   Мунофиқ
3.   Кофир

«Шунга биноан Аллоҳга ишонган эътиқодли кишилар мўъминлар, имонсиз, эътиқодсиз кимсалар эса кофирлар дейилади», деганлар. Банданинг Иншоаллоҳ  мен мўъминман дейиши мумкин эмас, чунки “Иншааллоҳ” - Аллоҳ хоҳласа,  дегани бўлиб, у киши ўз имонига қатъий ишончи йўқлигидан “Иншааллоҳ” дейди. Демак, ўз имонига жазман ишонмайди, негаки, шубҳаси бор. Бундай кишини ҳақиқий имонли банда деб бўлмайди.

Бунинг мисоли: бир киши биродарига эртага шу жойга кел, бир беморни зиёрат қилиб келамиз деса, у биродари эртага келишига кўзи етмаса, "Иншааллоҳ", яъни Аллоҳ хоҳласа келаман, дейди. Келмаса гуноҳкор бўлмайди. Хўп келаман, десаю келмаса, ваъдасида турмагани учун гуноҳкор бўлади. Шунинг учун мўъмин киши ўз имонига шубҳа қолдирмаслик учун қатъий қилиб "мен хаққоний мўъминман", дейиши керак. Шубҳа мумкин эмаслигига Бақара сурасининг 285-ояти ҳам далил бўлади, унда Аллоҳ таоло:

آمَنَ الرَّسُولُ بِمَا أُنزِلَ إِلَيْهِ مِن رَّبِّهِ وَالْمُؤْمِنُونَ كُلٌّ آمَنَ بِاللّهِ وَمَلآئِكَتِهِ وَكُتُبِهِ وَرُسُلِهِ لاَ نُفَرِّقُ بَيْنَ أَحَدٍ مِّن رُّسُلِهِ وَقَالُواْ سَمِعْنَا وَأَطَعْنَا غُفْرَانَكَ رَبَّنَا وَإِلَيْكَ الْمَصِيرُ.

«Пайғамбар (Муҳаммад) ўзига Парвардигоридан нозил қилинган нарсага (оятларга) имон келтирди ва мўъминлар ҳам. Уларнинг ҳар бири Аллоҳга, фаришталарига, китобларига ва пайғамбарларига бирортасини ажратмасдан (ҳаммамига) имон келтирди. Эшитдик ва итоат этдик, Эй Раббимиз мағфиратингни сўраймиз. Сенгагина қайтиш бор», деб марҳамат қилганлар.

Аллоҳ таоло бу ояти каримасида мўъминлар имон келтириши лозим бўлган нарсаларни баён этди. Шу имон келтириш лозим бўлган нарсага  “Иншааллоҳ” - имон келтирамиз деса, шак-шубҳасиз имони дуруст бўлмайди. Имом Термизий ва Имом ибн Можжа ҳазрат Алидан қилган ривоятда  Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам  шундай деганлар:

لا يؤمن عبد حتى يؤمن باربع : يشهد ان لا اله الا الله و انى رسول الله بعثني بالحق و يؤمن بالموت والبعث بعد الموت يؤمن بالقدر.

"Банда тўрт нарсага ишонмагунча имонли бўлмайди:
1.Ёлғиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигига ва менинг ҳақ йўл билан юборилган пайғамбарлигимга гувоҳлик бермагунча;
2. Ўлим ҳақ эканлигига;
3. Ўлимдан кейин тирилиш ҳақ эканлигига;
4. «Тақдир ҳақ эканлигига ишонмагунча имонли бўлмайди". Бу ҳадис ҳам имонда "иншааллоҳ” деб истисно қилиш йўқлигини исботлайди.

Qayd etilgan


Hanafiy  09 Mart 2008, 07:09:33

2-масала
Намозни жамоат билан ўқишни муҳофаза қилиш


Абдуллоҳ ибн Аббосдан ривоят қилинган  ҳадисда "Аллоҳ розилиги учун жамоат билан қилинган ибодат тўғри бажарилса, Аллоҳ даргоҳида мақбулдир. Агар хатоликка йўл қўйилса афв этилади. Узрсиз жамоатдан айрилиб, ёлғиз ҳолда ибодат қилса, қабул бўлмаслик эҳтимоли бор. Узр дейилганда: беморлар, ўтириб қолган, ёши қари кишилар, юра олмайдиган фалаж ва шол касалига учраганлар, оёғидан ажраган ногиронлар, йўлидан адашиб қоладиган қариялар, кўрлар тушунилади. Бундайларга ёлғиз ўқиш жоиз. Шундай узрлари бўлмай туриб, жамоатни муҳофаза қилмаганлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам амрларига хилоф иш қилган бўлиб, бидъатчилар саналади, чунки Аллоҳ таоло Бақара сурасиниг 43-оятида:

وَأَقِيمُواْ الصَّلاَةَ وَآتُواْ الزَّكَاةَ وَارْكَعُواْ مَعَ الرَّاكِعِينَ

«Намозни мукаммал адо этингиз, закот берингиз ва рукуъ қилувчилар билан бирга рукуъ қилингиз», деб мўъминларга жамоат билан ибодат қилишни буюрган.  Аксари уламолар жамоат вожиблигини шу оятдан олганлар. Имом Муслим ибн Умардан ривоят қилган ҳадисда расулуллоҳ  саллаллоҳу алайҳи ва саллам:

من خلع يدا من طاعة لقى الله يوم القيامة و لا حجة له ومن مات وهو مفارق للجماعة فإنه يموت ميتة جاهلية.ِ

"Кимда -ким Аллоҳга тоат қилмаса, қиёмат кунида Аллоҳ билан учрашганда ҳужжатсиз бўлиб қолади (чунки унинг қўлида Аллоҳга тоат қилма деган ҳеч қандай ҳужжати йўқ) ва кимда-ким жамоатдан ажралиб ёлғиз ҳолда ибодат қилса, у жоҳилият ўлимида ўлган бўлади" («Риёзус Солиҳин», 122-бет), деганлар. Бу ҳадиснинг мазмунидан Аллоҳ ва расули амрларига хилоф қилиб, жамоатдан ажралиб, ёлғиз ўқилган намоз ноқис намоз саналади. Имом Бухорий ва Имом Муслим ибн Умардан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:

  صلوة الجماعة تفضل على صلوة الفرد بسبع و عشر ين درجة     

"Жамоат билан ўқилган намознинг савоби ёлғиз ўқиган кишининг савобидан 27 марта зиёда бўлади", деганлар.

Qayd etilgan


Hanafiy  09 Mart 2008, 07:09:41

3-масала
Солиҳ ёки фожир имомга иқтидо қилмоқ жоизлиги ҳақида


Имом Абу Довуд Абу Ҳурайрадан ривоят қилган ҳадисда пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам :

الجهاد واجب عليكم مع كل امير برا كان او فاجرا و ان عمل الكبائر و الصلوة واجبة عليكم خلف  كل مسلم برا كان او فاجرا  و إن عمل الكبائر و  ا لصلوة واجبة على كل مسلم برا كان فاجر و إن عمل الكائر.

"Амирингиз яхши ёки фожир бўлиб, кабира (катта) гуноҳларни қилса ҳам, у билан жиҳод қилмоқлик ҳар бирингизга вожибдир. Мусулмон киши  яхши ёки фожир бўлиб, гуноҳи кабиралар қилса ҳам, унинг орқасидан иқтидо қилиб намоз ўқимоқлик сизларга вожибдир. Вафот этган ҳар бир мусулмон яхши ёки фожир бўлиб, гуноҳи кабиралар қилган бўлса ҳам, унинг жанозасини ўқимоқлик сизларга вожибдир" деб ҳар қандай имомнинг орқасидан намоз ўқишга буюрганлар. Имом адолатли, тақводор, риёзатли ва илмли бўлса, нур устига нур, агар имом тақвосиз, риёзатсиз, гуноҳкор бўлса унинг қилган гуноҳи ўзига, жамоатга таъсири йўқ. Қилган гуноҳларининг жазосини ўзи тортади. Имом гуноҳкор, фожир деб, намоздан қолишга узр йўқ. Бу сўзга қарши чиққанларнинг фатволарига амал қилинмайди, чунки улар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларига қарши чиққан бўлиб, мусулмонларнинг иттифоқини бузганлиги учун Аллоҳ ва пайғамбарга осий бўлурлар.

Имомга иқтидо қилмасангиз Рофизий ва Шиаларга ўхшаб қоласиз, чунки улар ҳеч кимга иқтидо қилмайди.

Рофизийларнинг раҳнамоларидан бири Маҳмуд Аш-Шомий вафот этаётиб, ўз хатосини тан олиб, ҳузурига йиғилган асҳобаларига: "Мен сизларга тўрт нарсани айтмаган эдим. Энди яхшилаб эшитиб олинглар. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
1.   «Қибламизга юзланган аҳли қиблани қилган ҳар қандай катта гуноҳи учун куфрда айбламанглар;
2.   Вафот этган ҳар қандай мусулмоннинг жанозасини ўқинглар;
3.   Ҳар қандай имом бўлса ҳам, орқасидан эргашиб намоз ўқинглар;
4.   Ҳар қандай амир бўлса ҳам, унга итоат этиб, у билан жиҳод этинглар", деганлар.

Qayd etilgan


Hanafiy  09 Mart 2008, 07:09:50

4-масала
Аҳли китоблар  қилган гуноҳини гуноҳ эмас демагунча уларни кофирликда айбламаслик ҳақида


Кофир ҳар қанча яхши, хайрли ишларни қилса ҳам унга фойдаси йўқ. Савоб ёзилмайди. Чунки унинг гуноҳи яратган эгасини тан олмаслиги, имонга келмаслиги еру осмонга сиғмайди. Ҳар қандай савобларни ювиб юборади.
Шунингдек, мўъмин ҳар қандай катта гуноҳларни қилиш билан кофир бўлиб қолмайди, агар қилаётган гуноҳини ҳалол, гуноҳ эмас деб эътиқод қилса, шунда кофир бўлади, чунки пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
 
  من  ا ستحل  محارم الله  فقد كفر

“Кимда-ким Аллоҳнинг ҳаром қилган нарсаларини ҳалол санаса, батаҳқиқ кофир бўлади”, деганлар.

Мўъмин қилган гуноҳи билан кофир бўлмаса ҳам, ҳар гуноҳ қилиши билан қалби қорая бошлайди. Зеро, Аллоҳ таоло Мутаффифин сурасининг 14-оятида:

كَلَّا بَلْ رَانَ عَلَى قُلُوبِهِم مَّا كَانُوا يَكْسِبُونَ

«Балки уларнинг дилларини ўзларининг қилмишлари (гуноҳлари) қоплаб олгандир», дeб марҳамат қилган. Шунинг учун гуноҳ қилишдан сақланган яхши. Кўрмайсизми, Одам алайҳиссалом таъқиқланган мевани еб, жаннатдан чиқарилганда ҳам, Аллоҳ таоло уни осий бўлди деди, кофир бўлди, демади.

   Шунингдек, мўъминларнинг гуноҳларига ҳам "Эй имон келтирганлар, тавба қилинглар"
, деди. Демак гуноҳ қилиши билан кофир бўлмас экан. Акс ҳолда Аллоҳ таоло "Эй кофирлар" деб хитоб қилган бўларди.

Qayd etilgan


Hanafiy  09 Mart 2008, 07:09:59

5-масала
Ҳар қандай мўъминнинг жанозасини ўқиш лозимлиги


Учинчи масалада Имом Абу Довуднинг Абу Ҳурайрадан ривоят қилган ҳадиси тўлиқлигича зикр қилинди. Уламолар шу ҳадисдан бир қисми бўлган:

و الصلوة  واجبة  على  كل  مسلم  برا  كان  ا و  فاجرا و  إن  عمل  الكائر

"Вафот этган ҳар бир мусулмон яхши ёки фожир бўлиб гуноҳи кабиралар қилган бўлса ҳам, унинг жанозасини ўқимоғлик сизларга вожиб"ни далил қилиб, ҳар бир "Ла илаҳа иллаллоҳ" деган кишига гарчи у осий, фожир бўлса ҳам жанозасиини ўқишга иттифоқ қилишган. Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам "Ўзини ўлдирган, урушда тушган ўлжаларни тақсимлашдан олдин ўғирлаган ва қарзи бўлиб, уни тўламай юрганларнинг жанозаларини ўқимаган бўлсалар ҳам, саҳобаларга қарата:

صلوا على صاحبكم

«Биродарларингни жанозасини ўқинглар», деганлари ҳар қандай мўъминнинг жанозасини ўқишлигимиз лозимлигини билдиради. 
Ҳужурот сурасининг 10-оятида:

إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ إِخْوَةٌ فَأَصْلِحُوا بَيْنَ أَخَوَيْكُمْ وَاتَّقُوا اللَّهَ لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ

«Албатта, мўъминлар оға-инидирлар. Бас сизлар икки оға-инингиз ўртасини тузатиб қўйинглар ва Аллоҳдан қўрқингиз, шояд раҳм қилинсангизлар», деб марҳамат қилинган.

Шунинг учун кимда-ким фосиқ, фожирларга жаноза ўқилмайди, деса катта хатога йўл қўйган бўлади. Чунки фозил, яхши одамлардан кўра, фосиқ фожирлар дуога кўпроқ мухтождирлар. Расулуллоҳнинг гуноҳкорларга жаноза ўқимаганлари зажр учун бўлган. Шунинг учун ўзининг жонига қасд қилиб, ўзини ўлдирганларга имом, қози, муфтий ва машҳур кишилар жаноза ўқимайди. Оддий кишилар ўқийвериши керак, ўқишмаса гуноҳкор бўлишади.

Qayd etilgan


Hanafiy  09 Mart 2008, 07:10:07

6-масала
Банданинг тақдиридаги яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳдан бўлгани учун мўъминларнинг ҳаммасини яхши деб билмоқ хусусида


Абдуллоҳ ибн Аббосдан ривоят қилинган ҳадиси қудсийда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таоло: "Мен яхшиликни ҳам, ёмонликни ҳам яратдим. Кимнинг қўлидан яхшиликни яратган бўлсам унга хушхабар, кимнинг қўлидан ёмонликни яратган бўлсам унга надоматлар бўлсин", деб марҳамат қилди, деганлар.
Тақдирдаги яхшилик ҳам ёмонлик ҳам Аллоҳдан деб эътиқод қилган банда ўқиган намозлари, тутган рўзалари, қилган ҳар қандай яхшиликлари пайтида буни Аллоҳдан деб билиб, шукр қилса Аллоҳ унинг неъматларини янада зиёда қилур. Зеро, Аллоҳ таоло Иброҳим сурасининг 7-оятида:

 وَإِذْ تَأَذَّنَ رَبُّكُمْ لَئِن شَكَرْتُمْ لأَزِيدَنَّكُمْ وَلَئِن كَفَرْتُمْ إِنَّ عَذَابِي لَشَدِيدٌ

«Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни  эслангиз: Қасамки агар (берган) неъматларимга шукр қилсангизлар, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю ношукрлик қилсангизлар, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир», деб марҳамат қилган.
 
Мўъмин киши қилаётган айбу гуноҳлари ҳам Аллоҳ томонидан тақдир этилганлигини билиб, фақат Аллоҳнинг розилигисиз амалга келганини эътиқод этса, тезда тавба қилиши лозим. Эътиқоди саҳиҳ бўлгани учун гуноҳга қўл урган банда ёмон саналмайди.
Шунинг учун ҳам тақдири илоҳийни инкор этмоқ куфр саналади.

Қадария фирқаси тақдири илоҳийни инкор этади, шу сабабли улар кофир саналади. Жабария мазҳаби эса қазои илоҳийга таяниб, бандалик ибодатларини тарк этади.

Мўъмин киши яхшилик ҳам ёмонлик ҳам мендан содир бўлди, аммо яхшиликни ҳам ёмонликни ҳам Аллоҳ тақдир қилган, деб билади. Шундан келиб чиқиб, тақдирни инкор қилмаган ҳолда ибодатларини давом эттираверади.

Саҳобаи киромлар ё Расулуллоҳ Аллоҳ яхшию ёмонлигимизни (жаннатию дўзаҳийлигимизни) тақдиримизга ёзиб қўйган бўлса, шу тақдирга суяниб амал қилмасак ҳам бўларкан-да дейишганда, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам,

 كل ميسر لما  قدر له

Яъни, "Йўқ, жаннат учун яратилганларга жаннат йўли, дўзах учун яратилганларга дўзах йўли осон қилинади", деганлар.

Qayd etilgan


Hanafiy  09 Mart 2008, 07:10:15

7-масала
Ҳеч қайси мўъминга ноҳақдан қурол, қилич кўтармаслик


Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салам: "Икки мўмин бир бирига қурол кўтарса, қотил ҳам мақтул ҳам дўзахга киради", деганлар. Саҳобалар: «Ё Расулуллоҳ! қотил дўзаҳий бўлиши маълум, мақтул нима учун дўзахий бўлади?», дейишди. Шунда Расулуллоҳ: "Чунки у ҳам шеригини ўлдирмоқчи эди", деганлар.

Бир мўъмин бошқа мўъминни хато қилиб билмаган ҳолда ўлдириб қўйса, хун ҳаққи тўлайди. Аммо қасддан ўлдирса, шариат ҳукми билан ўзи ҳам ўлдирилиши керак. Шунинг учун Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 179-оятида:

وَلَكُمْ فِي الْقِصَاصِ حَيَاةٌ يَاْ أُولِيْ الأَلْبَابِ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ

Яъни, «Сизлар учун қасосда ҳаёт бор, эй, ақл эгалари! (Бу билан) шояд (жиноятлардан) сақлансангизлар», деб марҳамат қилган.

Маълумки, ҳаммага ҳам жон ширин, яшагиси келади. Бировни ўлдиргани учун ундан қасос олинар экан, шунинг учун ҳам ҳеч кимни ўлдирмайди. Агар ўлдирса, унга жазо берилади, қиёматдаги жазо эса, бу дунёникидан бир неча чандон оғирроқдир. Шуни билган мўъмин зинҳор (бировларга) инсонларга қурол кўтармаслиги керак.

Qayd etilgan


Hanafiy  09 Mart 2008, 07:10:23

8-масала
Таҳоратли ҳолда кийилган махсига масҳ тортиш жоизлиги ҳақида


Мўъмин киши совуқ пайтда бир кеча-кундуз миқдорида оёғига кийган этик, махсини ечмасдан, таҳорат олганда масҳ тортиши ҳам дуруст. Аммо мусофир бўлса уч кеча-кундуз махсисини ечмай, масҳ тортиши мумкин.  Зарурат ва хавф-хатар туғилган пайтларда уч кеча-кундуздан кўпроқ вақт ўтса ҳам масҳ тортиш жоиз.  Хавф-хатар тугаши билан махсисини ечиб, янгидан таҳорат олиб, оёқларини ювади. Оёқ-яланг бўлганда оёқ ювилади, масх тортиш мумкин эмас.

Qayd etilgan