Muhammad Zohid Qo'tqu. Ahli sunnat val-jamoat aqoidi  ( 151362 marta o'qilgan) Chop etish

1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 ... 21 B


Hanafiy  09 Mart 2008, 07:44:46

19-масала
Ҳисоб бериш ҳақлиги борасида


Қиёмат куни инсонлар ҳаёт даврларида қилган амалларидан ҳисоб беришлари ҳақ. Бу ҳақда оятлар ворид бўлган. Буни инкор қилганлар кофирдир. Иншиқоқ сурасиниг 7-15-оятларида:

فَأَمَّا مَنْ أُوتِيَ كِتَابَهُ بِيَمِينِه() فَسَوْفَ يُحَاسَبُ حِسَابًا يَسِيرًا() وَيَنقَلِبُ إِلَى أَهْلِهِ مَسْرُورًا() وَأَمَّا مَنْ أُوتِيَ كِتَابَهُ وَرَاء ظَهْرِه() فَسَوْفَ يَدْعُو ثُبُورًا() وَيَصْلَى سَعِيرًا() إِنَّهُ كَانَ فِي أَهْلِهِ مَسْرُورًا() إِنَّهُ ظَنَّ أَن لَّن يَحُورَ() بَلَى إِنَّ رَبَّهُ كَانَ بِهِ بَصِيرًا()

«Бас, кимнинг номаи аъмоли ўнг томонидан берилса, бас, у осон ҳисоб билан ҳисоб-китоб қилинажак ва ўз(ининг жаннатдаги) аҳли (оиласи)га шоду-хуррам ҳолда қайтажак. Аммо, кимнинг номаи аъмоли орқа томонидан берилса, бас, (ўзига) ўлим тилаб қолажак ва дўзахда тобланажак. Дарвоқе, (дунёдалик) пайтида у аҳли оиласида шоду-хуррам эди, ўзини ҳеч қачон (Парвардигор ҳузурига) қайтмасман, деб ўйлар эди. Йўқ! Парвардигори уни шубҳасиз, кўриб турувчи эди», дейилган.

Ҳисоб-китоб қилингандан кейин инсонларнинг йўли иккига ажралади, бири абадий фароғатда бўладиган жаннатга, иккинчиси дунёдаги лаззатларини бурнидан чиқариб юборадиган абадий хору-зорликда бўладиган дўзахга.

Фотиҳа сурасидаги مَـالِكِ يَوْمِ الدِّينِ  (Молики явмиддин) "У жазо кунининг эгасидир" ояти каримаси ҳам ҳисоб-китоб куни ҳақ эканлигини исботлайди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: "Ҳалолга ҳисоб, ҳаромга эса азоб бордур", деган ҳадислари ҳам ҳисоб ҳақ эканлигига далил бўлади.

Ҳисоб куни ҳолимиз хароб бўлиб, юзимиз қорайиб қолмаслиги учун Абу Бакр Сиддиқнинг:

عليكم بالاستغفار و لا اله الا الله

"Ўзларингга истиғфорни ва ла илаҳа иллаллоҳни лозим тутиб маҳкам ушланглар”, деган насиҳатларини қулоққа олишимиз керак.
Айниқса, истиғфорларнинг саййидини ўқисак, янада яхшироқ бўлади, чунки бу истиғфор инсон гуноҳларини ювиш билан бирга, дунёдаги ҳар турли қийинчиликлардан сақлаб, инсоннинг ризқи мўл-кўл бўлишига сабаб бўлади.

Имом Бухорий Шаддод ибн Авсдан ривоят қилган ҳадисда расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам

«Саййидул истиғфор»
سيد الاستغفار ان تقول : اللهم انت ربي لا اله الا انت خلقتني و انا عبدك و انا على عهدك  وعدك ما استطعت اعوذبك من شر ما صنعتُ(ضنعتَ) ابوء لك بنعمتك علىَّ و ابوء بذنبي فاغفر لي فانه لا يغفر الذنوب الا انت قال و من قالها من النهار موقنا بها فمات من يومه قبل ان يمسى فهو من اهل الجنة، و من قالها من الليل و هو موقن بها فمات قبل ان يصبح فهو من اهل الجنة.

"Парвардигор! Сен менинг раббимсан, сендан ўзга ҳеч илоҳ йўқ. Сен мени яратдинг ва мен Сенинг бандангман ва сенга берган аҳду паймон ва ваъдамга тоқатим етганича турибман. Мен қилган ёмонликларимдан Ўзинг паноҳ беришингни сўраб илтижо қилурман. Менга берган неъматларингга ва қайта гуноҳ қилмасликка қайтдим. Ўзинг гуноҳларимни мағфират эт. Зеро, сендан ўзга гуноҳларни кечирувчи зот йўқдир", деб айтмоқлиғингдир.

Расулуллоҳ унинг фазлини баён қилиб, "Кимки саййидул истиғфорнинг мазмунига жазман ишониб, эрталаб айтса, шу куни қоронғу тушмасдан олдин вафот этса, у аҳли жаннатлардандир ва кимки кечаси айтса, шу кеча тонг отмасдан олдин вафот этса, у аҳли жаннатлардандир", деб айтдилар.

Танбеҳ: Шу ўринда бир мулоҳаза юритишимиз лозим бўлади. Агар биз:

اعوذ بك من شّر ما صنعتُ

«Аузу бика мин шарри мо санату», деб ўқисак, "Ўзим қилган ёмонликларимдан паноҳ тилаб, сенга илтижо қиламан", маъноси чиқади. Агар биз

اعوذ بك من شّر ما صنعتَ

«Аузу бика мин шарри мо саната», деб ўқисак, "Сен тақдиримга ёзган ёмонликлардан паноҳ тилаб, ўзингга илтижо қиламан", маъноси чиқади. Бу ҳолатда маъно чуқурроқ, мазмунлироқ ҳамда ҳақиқатга яқинроқ бўлади. Чунки биз бандаларнинг қилган ёмонликларимиз Аллоҳнинг раҳмати ва мағфирати олдида ҳеч гап эмас. Зеро, Аллоҳ таоло Фалақ сурасининг 1-2-оятларида:

قُلْ أَعُوذُ بِرَبِّ الْفَلَقِ () مِن شَرِّ مَا خَلَق َ()

«Эй Муҳаммад, умматларингизга айтинг, «Паноҳ тилаб илтижо қилурман тонг Парвардигорига, яратган нарсалари ёвузлигидан», деган.

Агар Аллоҳ бандасига ёмонликни раво кўрса, бундан оғирроқ ва ёмонроқ нарса йўқ. Уни Аллоҳдан бошқа ҳеч ким қутқара олмайди. Шунинг учун ҳам «Аузу бика мин шарри мо саната», деб ўқишимиз яхшироқ, ҳақиқатга яқинроқдир.

Qayd etilgan


Hanafiy  09 Mart 2008, 07:46:13

20-масала
Сирот кўприги ҳақлиги тўғрисида


Ҳар бир мўъмин сирот кўпригини ҳақ деб эътиқод қилиши лозим. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Марям сурасининг 71-72-оятларида:

وَإِن مِّنكُمْ إِلا وَارِدُهَا كَانَ عَلَى رَبِّكَ حَتْمًا مَّقْضِيًّا () ثُمَّ نُنَجِّي الَّذِينَ اتَّقَوا وَّنَذَرُ الظَّالِمِينَ فِيهَا جِثِيًّا ()

«Сизлардан ҳар бирингиз унга (жаҳаннамга) учрагайдирсиз. Бу Парвардигорингиз (амрига биноан) вожиб бўлган ҳукмдир! Сўнг тақводор бўлган зотларни (ундан) қутқарурмиз ва золим кимсаларни тиз чўккан ҳолларида (жаҳаннамда) қолдирурмиз», деб марҳамат қилган. Шу оятнинг тафсирида Имом Бухорий ва Имом Муслим Абдуллоҳ ибн Аббос  разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: «Сирот жаҳаннам устидаги кўприк бўлиб, қилич тиғидан ўткир. Ундан инсонлар қилган яхши амаллари даражасига қараб ўтишади. Савобли амаллари қанчалик кўп бўлса, ўтиш тезлиги шунчалик ошади. Савоби кўплиги жиҳатидан биринчи табақадагилар жамоаси чақмоқдек тезликда ўтишади. Иккинчи табақадагилар шамолдек тезликда, учинчи табақадагилар жамоаси учқур отдек тезликда, тўртинчи табақадагилар жамоаси тез юрар туялардек тезликда, бешинчи табақадагилар жамоаси югурувчи одам тезлигида, кейинги табақалар жамоаси эса оддий юриш тезлигида ўтишади. Пилсирот кўпригининг икки томонида эса фаришталар:

اللهم سلم، اللهم سلم

"Аллоҳумма саллим, аллоҳумма саллим", "Парвардигор саломат қилгин, ўзинг саломат қилгин", деб дуо қилиб туришади», дейилган.

Азиз биродар! Бу дунёда яшаб, қанчадан-қанча кенг ва узун кўприкларнинг гувоҳи бўлганмиз, кўрган кўприкларимиз бор йўғи бир шаҳар халқининг ўтмоғи учун мўлжалланган. Энди ҳазрат Одам алайҳиссаломдан бошлаб, қиёматгача келадиган триллион-триллион  бандаларни сиғдирадиган илоҳий кўприк қанчалик улкан бўлишини  чуқур ўйлаб, бир тасаввур қилиб кўрайлик-а?! У сирот кўпригининг кўтарилиш қисми минг йиллик йўл, тўғри юриш қисми минг йиллик йўл, пастга тушиш қисми яна минг йиллик йўл бўлиб, етти бўлимдан иборатдир. Бу кўприк ниҳоятда кенг бўлса ҳам, кофиру мунофиқлар учун қилдан ингичка, қиличдан ўткир ва зулумот қоронғуликдир. Дунёда, имтихонда яшаш пайтида Аллоҳдан қўрқиб, амалларни ихлос билан бажарган муттақий солиҳ бандалар учун равон йўлдир. Охирида жаннат, остида жаҳаннам жойлашган.

Одам алайҳиссаломдан қиёматгача қанча инсон дунёга келган бўлса, уларнинг барчаси шу кўприкдан ўтишади. Ўтиш пайтида ҳар бир банда тўхтатилиб, сўроқ қилинади. Саволларга жавоб берган бандалар эсон-омон ўтиб, жавоб бера олмаганларнинг ҳолига вой бўлади. Кўприкнинг биринчи бўлимида имондан сўралади. Имонсизларнинг ҳолига вой. Кўприкнинг иккинчи қисмида намоздан, учинчи бўлимида закотдан, тўртинчи бўлимида рўзадан , бешинчи бўлимида ҳаждан, олтинчи бўлимида жанобатдан покланиш йўриғидан, еттинчи бўлимида ота-она ҳақларидан сўралади. Барча саволларга жавоб берганлар эсон-омон жаннатга киришса, саволларга жавоб бера олмаганлар дўзахга тушадилар. Барча мўъминларга Аллоҳнинг ўзи нажот берсин.

Qayd etilgan


Hanafiy  09 Mart 2008, 07:47:38

21-масала
Жаннат ҳам, дўзах ҳам ҳақлиги тўғрисида


Жаннат ҳам, дўзах ҳам борлиги, тайёр ҳолда турганлиги Қуръон оятлари билан собит бўлган. Буни инкор қилганлар кофирдир. Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 35-36-оятларида:

وَقُلْنَا يَا آدَمُ اسْكُنْ أَنتَ وَزَوْجُكَ الْجَنَّةَ وَكُلاَ مِنْهَا رَغَداً حَيْثُ شِئْتُمَا وَلاَ تَقْرَبَا هَـذِهِ الشَّجَرَةَ فَتَكُونَا مِنَ الْظَّالِمِينَ () فَأَزَلَّهُمَا الشَّيْطَانُ عَنْهَا فَأَخْرَجَهُمَا مِمَّا كَانَا فِيهِ وَقُلْنَا اهْبِطُواْ بَعْضُكُمْ لِبَعْضٍ عَدُوٌّ وَلَكُمْ فِي الأَرْضِ مُسْتَقَرٌّ وَمَتَاعٌ إِلَى حِينٍ ()

«Биз яна айтдик: «Эй Одам, сен ва жуфтинг (Ҳавво) жаннатда яшангиз ва хоҳлаган жойларингизда ундан (неъматларидан) бемалол тановул қилингиз. Фақат мана бу дарахтга яқинлашмангиз, (акс ҳолда) золимлардан бўлиб қолурсиз». Бас, шайтон иккисини (васваса билан) ундан тойдириб, турган жойларидан (жаннатдан) чиқарди. Биз (уларга) айтдик: «Бир-бирингизга» (келажак зурриётингиз билан ўзаро) душман бўлиб, (Ерга) тушингиз! Маълум вақтгача (ажал етгунча) сизлар учун ерда барқарорлик ва (ундан) фойдаланиш (бордир)», деб марҳамат қилган.

Бу оятнинг мазмунидан жаннат яратилганлиги, Одам алайҳиссалом у ерда яшаб, Аллоҳга осий бўлиб, вақтинчалик ер юзига имтиҳон учун юборилганлиги маълум бўлади. Имтиҳондан муваффақият билан ўтганлар яна жаннатга қайтишлиги ва имтиҳондан ўта олмаганлар дўзахга кириши, дўзах ҳам, жаннат ҳам яратилганлигига катта далил бўлади.

Жаноб пайғамбаримиз меърож кечасида жаннатни ва ундаги олий қасрлар, ҳуру ғилмонлар, турли нозу неъматларни, дўзах ва ундаги турли азобларни ўз кўзлари билан кўрганликларини айтганлар.

Имом Термизий, Абу Довуд ва Насоийлар Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таоло жаннатни яратиб Жаброилга: «Эй Жаброил, бориб жаннатни кўргин», деди. Жаброил бориб жаннат ва унинг аҳиллари, яъни, жаннатийлар учун яратилган неъматларни кўриб қайтиб келди ва «Эй раббим, улуғлигинг номи билан қасам ичаманки, кимки унинг таърифини эшитса, кирмасдан қўймайди», деди.

Аллоҳ уни инсонларнинг кўнгли хоҳламайдиган нарсалар билан ўраб, кейин Жаброилга: «Эй, Жаброил, энди бориб кўргин», деди. Жаброил бориб кўриб қайтгач, «Эй, раббим улуғлигингга қасамки, унга ҳеч ким кира олмаса керак», деб қўрқаман деди. Аллоҳ дўзахни яратиб, Жаброилга: «Эй, Жаброил, бориб, дўзахни кўргин», деб амр қилди. Жаброил бориб, уни кўриб, қайтиб келди ва: «Эй, раббим, улуғлигингга қасам ичаманки, кимки унинг таърифини эшитса, асло унга кирмайди», деди. Аллоҳ уни инсонларнинг кўнгли истайдиган (тортадиган) нарсалар билан ўраб, сўнг Жаброилга: «Эй Жаброил, энди бориб кўр», деди. Жаброил бориб, кўриб қайтгач, «Эй, раббим, улуғлигингга қасамки, унга кирмайдиган кимса қолмаса керак деб қўрқаман», деди.

Бу ҳадисдан жаннат ҳам, дўзах ҳам тайёр яратилган ҳолда, ҳар қайсиси ўз аҳлини интизорлик билан кутаётганлиги аниқ, равшан маълум бўлди.

Бу ояту ҳадисларни инкор қилганлар ботил бўлган Жуҳамия фирқалари йўлидан юрган бўлиб, кофирлардан саналадилар.

Биз аҳли суннат вал жамоат фирқалари ҳозир жаннат ҳам, дўзах ҳам мавжуд, яратиб қўйилган икки манзил эканлигига ишонамиз.

Qayd etilgan


Hanafiy  09 Mart 2008, 07:48:44

22-масала
Қиёматда ҳисоб-китоб қилувчи ёлғиз Аллоҳнинг ўзи эканлиги ҳақида


Қиёмат кунининг эгаси, подшоси, қозиси бўлган Аллоҳ таоло бандаларининг умр бўйи қилган ишлари ҳақида сўрайди. Бандалар жавоб беришади.
   
Бу тўғрисида Аллоҳ таоло Иброҳим сурасининг 51-оятида шундай деб марҳамат қилади:

لِيَجْزِي اللّهُ كُلَّ نَفْسٍ مَّا كَسَبَتْ إِنَّ اللّهَ سَرِيعُ الْحِسَابِ

«Аллоҳ ҳар бир жонга қилмишига яраша жазо бериш учун (шундай қилур, яъни, жиноятчиларнинг кийимларини қора мумдан қилур). Албатта, Аллоҳ тез ҳисоб-китоб қилувчидир».

Луқмон сурасининг 28-оятида:

"مَّا خَلْقُكُمْ ولا بَعْثُكُمْ إِلا كَنَفْسٍ وَاحِدَةٍ إِنَّ اللَّهَ سَمِيعٌ بَصِيرٌ "

«(Эй, инсонлар) сизларни яратиш ҳам, қайта тирилтириш ҳам худди бир жонни (яратиш ва қайта тирилтиришнинг) ўзгинасидир (осондир, қийинчилик жойи йўқ). Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчидир», деб айтган.
 
Андозаси, қолипи йўқ инсонни яратиш қанча оғир бўлса ҳам, уни қийналмасдан яратган. Ўлгандан кейин тирилтириш яратишга нисбатан анча осон, чунки У асли бор бўлган нарсани тирилтиради. Энди шундай оғир ишларни қилган Зот, бир зумда ҳисоб-китоб қилишга қийналиб қолармиди? Бу иш унинг учун ҳеч гап эмас. Ҳижр сурасининг 92-93 ояти карималари ҳам бевосита ҳисоб-китоб қилувчи ёлғиз Ўзи эканлигини тасдиқлайди: 

 فَوَرَبِّكَ لَنَسْأَلَنَّهُمْ أَجْمَعِيْنَ()  عَمَّا كَانُوا يَعْمَلُونَ()

«Парвардигорингиз номига қасамки, албатта, уларнинг барчасини қилган ишлари тўғрисида сўроқ қилгайман».

Каҳф сурасининг 49-оятида:

"وَوُضِعَ الْكِتَابُ فَتَرَى الْمُجْرِمِينَ مُشْفِقِينَ مِمَّا فِيهِ وَيَقُولُونَ يَا وَيْلَتَنَا مَالِ هَذَا الْكِتَابِ لا يُغَادِرُ صَغِيرَةً وَلَا كَبِيرَةً إلا أَحْصَاهَا وَوَجَدُوا مَا عَمِلُوا حَاضِرًا ولا يَظْلِمُ رَبُّكَ أَحَدًا "
   
«(Сўнг ҳар бир кишининг) номаи аъмоли (ўз қўлига) қўйилур. Бас, гуноҳкорларнинг унда (битилган) нарсалардан даҳшатга тушиб: "Ҳолимизга вой! Бу қандоқ китобки, на кичик ва на катта (гуноҳни) қолдирмай, барчасини ҳисоблаб қўйибди», дейишларини кўрурсиз. (Улар) қилган (барча) амалларини нақд  ҳолда топурлар. Раббингиз ҳеч кимга зулм қилмас", деб марҳамат қилган.

Фуссилат сурасининг 21-оятида:

وَقَالُوا لِجُلُودِهِمْ لِمَ شَهِدتُّمْ عَلَيْنَا قَالُوا أَنطَقَنَا اللَّهُ الَّذِي أَنطَقَ كُلَّ شَيْءٍ وَهُوَ خَلَقَكُمْ أَوَّلَ مَرَّةٍ وَإِلَيْهِ تُرْجَعُونَ

«Улар териларига: «Нима учун бизга қарши гувоҳлик бердинглар?» дейишганида, (терилари): «Бизларни, барча нарсани сўзлатган зот - Аллоҳ сўзлатди. Сизларни илк бор У яратган ва сизлар яна Унинг Ўзигагина қайтарилурсизлар», дейдилар».

Имом Бухорий ва Имом Муслим саҳоба Адий ибн Хотамдан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам "Тез кунларда (фурсатда) сизлардан: парвардигори билан таржимонсиз, ҳеч қандай тўсиқларсиз, юзма-юз, яккама-якка туриб, гаплашмайдиган кимса қолмайди. Шунда банда нажот топармиканман, деб ўнг томонига қарайди ва ҳаёти давомида қилган барча амалларини кўради. Шундан сўнг чап томонига қарайди ва умр давомида қилган барча амалларини кўради. Кейин олдига қарайди ва рўбарўсида жаҳаннам турганини кўради. Бас, аҳвол шундай бўлар экан, гарчи яримта хурмони садақа қилиш билан бўлса ҳам дўзахдан сақланинг", деганлар. Демак, оятларнинг мазмуни ҳам, ҳадиснинг мазмуни ҳам ҳисоб қилувчи  ёлғиз Аллоҳнинг ўзи эканлигини тасдиқлайди.

У ниҳоятда даҳшатли кундир. Ўша кунда  Аллоҳ ҳаммамизга мададкор, меҳрибон бўлсин. Банда сўроқларнинг жавобидан қочиш йўлини топа олмайди, ҳамма қилмишларини бир-бир эътироф этади, ҳатто оғизлари муҳрланиб, қўллари сўзлайди, оёқлари қилган ишлари ҳақида гувоҳлик беради. Довдираб қолган инсон, ўз аъзоларига: нега менга қарши гувоҳлик бераяпсизлар? Бу қилмишларинг ўзимизга қарши эмасми? Сизлар учун жон куйдираяпманку?», деб танқид қилганида, аъзолари: «Нима қилайлик, қўлимиздан бирон иш келмаса, ўз ихтиёримиз билан гапирганимиз йўқ. Бизни, барча нарсани гапиртиришга қудрати етадиган Холиқимиз қодир Аллоҳ гапиртирди», дейишади. У кунда яширадиган ҳеч нарса қолмайди.

Qayd etilgan


Hanafiy  09 Mart 2008, 07:49:36

23-масала
Ашараи мубашшара, яъни, жаннати бўлиши башорат қилинган ўн саҳобаларни жаннати деб эътиқод қилиш лозимлиги ҳақида


Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шахсан ўзлари саҳобалардан ўнтасини ҳаётлик пайтларидаёқ жаннати деб хукм қилганлар. Уларнинг Исломдаги хизматлари бениҳоя катта бўлиб, жонларини ҳам, мол-мулкларини ҳам дин учун, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам учун фидо қилганлар. Аллоҳ улардан рози бўлиб, қилган меҳнатлари, чеккан заҳматлари эвазига жаннатни раво кўрди. Мисол учун ҳазрат Алини олайлик. Расулуллоҳни ўлдиришга қасд қилган, ўткир қиличлар билан қуролланган юздан ортиқ Макка мушриклари пайғамбаримиз уйларини қамал қилишди. Улар саҳарда Каъбатуллоҳга чиқиши лозим бўлган пайғамбарга бараварига ҳамла қилиб, уни чопиб ташлашлари керак эди. Жаброил алайҳиссалом мушрикларнинг макрларидан Расулуллоҳни хабардор қилдилар. Шунда Расулуллоҳ ўринларига ҳазрати Алини ётқизиб, ўзлари ҳижратга чиқиб кетдилар. Имонсиз юзта мушрик жаҳл устида ҳазрати Алини бурдалаб ташлашлари мумкин эди. Шундай нозик, қалтис вазиятда ҳазрати Али ўлимдан қўрқмасдан, азиз жонларини фидо қилишга тайёр эдилар. Бу каби ҳодисалар ислом тарихида жуда кўп бўлган.

Уҳуд жангида душман лашкарлари бутун кучлари билан расулуллоҳга қарши ёпирилган пайтда, ҳазрати Талҳа ибн Убайдуллоҳ пайғамбаримизнинг олдиларида туриб, уларни жон-жаҳди билан мудофаа қилди. Шундай ҳужум ва ўқ-бўрон ичида қолган бир пайтда, ўзининг борлигини унутиб, бутун вужуди билан Расулуллоҳни ҳимоя қилди. Ҳимоя пайтида, саксон жойидан жароҳат олганлиги китобларда битилган.

Бир куни ўз боғидаги гўзал манзарага маҳлиё бўлиб, пешин намозига кеч қолгани учун ўша боғни дарҳол ислом учун вақф қилиб юборган эди.

Бу ўнта жаннати саҳобанинг қилган хизматларини тўлиқ баён этишга ожизмиз. Мақсадимиз уларни жаннати деб эътиқод қилиш ва улардан усвату ҳасана, яъни, яхши ибрат, намуна олишдан иборат. Оқилга ишора кифоя дейилганидек, шу икки зотнинг исломдаги хизматларидан бир шингил ҳикоя қилдик.

Кимда-ким улардан биронтасини ёқтирмаса ёки таъна қилса, адашган бидъатчилар қаторида бўлур. Қандай бидъатчи бўлмасинлар? Ахир Аллоҳ таоло Қуръони карим Баййина сурасининг 8-оятида улар ҳақида:

... رَّضِيَ اللَّهُ عَنْهُمْ وَرَضُوا عَنْهُ...

«Аллоҳ улардан рози бўлур, улар ҳам Аллоҳдан рози бўлурлар», деб қўйган бўлса. Уларни севиб, эҳтиром кўрсатайлик. Аллоҳ уларнинг шафоатларини барча мўъминларга насиб айласин.

Бу муборак жаннати шахслар қуйидагилардир:
1.   Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ.
2.   Ҳазрати Умар ибн Хаттоб.
3.   Ҳазрати Усмон ибн Аффон.
4.   Ҳазрати Али ибн Абу Толиб.
5.   Ҳазрати Талҳа ибн Убайдуллоҳ.
6.   Ҳазрати Зубайр ибн Аввом.
7.   Ҳазрати Саъд ибн Абу Ваққос.
8.   Ҳазрати Саид ибн Зайд.
9.   Ҳазрати Абураҳмон ибн Авф.
10.   Ҳазрати Абу Убайда ибн Жарроҳ разияллоҳу анҳум ажмаъин.

Qayd etilgan


Hanafiy  09 Mart 2008, 07:50:35

24-масала
Абу Бакр Сиддиқ Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин умматнинг энг афзали эканлиги ҳақида


Абу Бакр Сиддиқ умматнинг энг афзали эканлигига далолат қиладиган оятлар ҳам, ҳадислар ҳам етарлича бор. Жумладан, Лайл сурасининг 17-21 оятлари Абу Бакр Сиддиқ тўғрисида нозил қилинганига жумҳур муфассирлар иттифоқ қилишган:

وَسَيُجَنَّبُهَا الْأَتْقَى() الَّذِي يُؤْتِي مَالَهُ يَتَزَكَّى () وَمَا لِأَحَدٍ عِندَهُ مِن نِّعْمَةٍ تُجْزَى ()
إِلَّا ابْتِغَاء وَجْهِ رَبِّهِ الْأَعْلَى() وَلَسَوْفَ يَرْضَى ()

«Ўзи покдамон бўлиб, мол-давлатини яхшилик йўлида сарф қиладиган тақводор зот у дўзахдан йироқ қилинур. У тақводор зот ҳузурида - зиммасида бирон кимсага қайтариладиган неъмат йўқдир, яъни, у бирон кимсанинг ўзига ўтказиб қўйган яхшилигини қайтариш учун хайр-саховат кўрсатмайди. У фақат энг олий зот бўлмиш парвардигорининг розилигини истаб (мол-давлатини сарф) қилур. Ва яқинда (Парвардигори унга ато этадиган мукофот-жаннат неъматларидан) рози бўлур».

Тавба сурасининг 40-оятида:
 
 إِلاَّ تَنصُرُوهُ فَقَدْ نَصَرَهُ اللّهُ إِذْ أَخْرَجَهُ الَّذِينَ كَفَرُواْ ثَانِيَ اثْنَيْنِ إِذْ هُمَا فِي الْغَارِ إِذْ يَقُولُ لِصَاحِبِهِ لاَ تَحْزَنْ إِنَّ اللّهَ مَعَنَا فَأَنزَلَ اللّهُ سَكِينَتَهُ عَلَيْهِ وَأَيَّدَهُ بِجُنُودٍ لَّمْ تَرَوْهَا وَجَعَلَ كَلِمَةَ الَّذِينَ كَفَرُواْ السُّفْلَى وَكَلِمَةُ اللّهِ هِيَ الْعُلْيَا وَاللّهُ عَزِيزٌ حَكِيمٌ

«Агар сизлар унга (Муҳаммадга) ёрдам қилмасангиз (Аллоҳнинг ўзи унга ёрдам қилур). Уни кофирлар икки кишининг бири бўлган ҳолда (бир ҳамроҳи билан Маккадан) ҳайдаб чиқарганларида, унга Аллоҳ ёрдам берди-ку. Ўшанда икковлон ғорда бўлган пайтларида ҳамроҳига: «Ғамгин бўлма, шубҳасиз, Аллоҳ биз билан биргадир», дер экан, Аллоҳ унинг устига хотиржамлик туширди ва уни сизлар кўрмаган лашкарлар (яъни, фаришталар) билан қўллаб-қувватлади. Ҳамда кофир бўлган кимсаларнинг сўзларини тубан қилиб қўйди. Аллоҳнинг сўзигина юксак сўздир. Аллоҳ қудратли, ҳикматлидир».

Абу Бакр Сиддиқ  шундай хавф-хатарли ҳижратда Расулуллоҳни ёлғиз қолдирмасдан ҳамроҳ бўлишлигининг ўзи, у зотнинг Аллоҳга бўлган ишонч-имони нақадар кучли эканлигига ва расулуллоҳдан кейинги даражадаги улуғ инсон эканлигига далил бўлади.
Имом Термизий ва Абу Довуд ҳазрат Умардан ривоят қилган ҳадисда: «Умар разияллоҳу анҳу айтадилар: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам садақа қилишга буюрдилар. Шунда менинг қўлимда бир мунча мол-дунё йиғилиб қолган эди. Ўзимга ўзим бугун Абу Бакрдан ўзиб кетадиган куним келди, деб хурсанд бўлиб, мол-мулкимнинг ярмини келтирдим. Расулуллоҳ: "Аҳлингга қанчасини қолдирдинг?", деб сўрадилар. Ярмини қолдирдим деб жавоб қилдим. Шу пайтда Абу Бакр ҳам бироз мол-дунё олиб келдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Бола-чақангга нима қолдирдинг?", деб сўрадилар. Абу Бакр: «Аҳлимга Аллоҳ ва унинг Расулидан бошқа нарса қолдирмадим», дедилар. Шунда: "Абадий ҳеч нарсада ундан ўзиб кетолмас эканман", дедим». Шунинг учун бўлса керак, Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда: «Ҳазрат Умар разияллоҳу анҳу: "Абу Бакр бизнинг саййидимиз, бизнинг энг яхшимиз, Расулуллоҳга энг севиклигимиздир", деганлар.

Абу Бакр: "Эй, Парвардигор! Менинг жасадимни шундай катта қилгинки, бутун дўзахни эгаллаб олсину, уммати Муҳаммадиянинг биронтаси ҳам сиғмасин", деб дуо қилганлари тасаввуф китобларида ривоят қилинади. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ: «Бутун дунё мусулмонларининг имонлари тарозунинг бир палласига, Абу Бакрнинг имони иккинчи паллага қўйилса, Абу Бакр имони оғирлик қилади», деб айтганлар. Шу ояту ҳадислар мазмунидан ҳам Абу Бакр Сиддиқ уммати Муҳаммадиянинг афзали эканлигини биламиз.

Qayd etilgan


Hanafiy  09 Mart 2008, 07:51:33

25-масала
Ҳазрати Умарул Форуқ Абу Бакр Сиддиқдан кейинги умматнинг афзали  экани ҳақида


Бу зот ҳазрат Абу Бакрдан кейинги мартабадаги фазилатли инсон бўлганлигидан иккинчи халифа қилиб сайландилар. Инсонларнинг афзалларидан эканликларига Қуръон ва ҳадисдан далиллар бор. Анфол сурасининг 64-оятида:

" يَا أَيُّهَا النَّبِيُّ حَسْبُكَ اللّهُ وَمَنِ اتَّبَعَكَ مِنَ الْمُؤْمِنِينَ"

«Эй пайғамбар, сизга ва сизга эргашган мўъминларга Аллоҳ кифоядир!» оятида Ҳазрат Умар назарда тутилган, деб тафсир қилинган. Имом Аҳмад ва Термизийлар Ибн Аббосдан ривоят  қилган ҳадисда:

 قال النبي(ص) "اللهم أعز الاسلام بأبي جهل بن هشام اوبعمر بن الخطاب "فأصبح عمر فغدا على النبي(ص) فأسلم ثم صلي في المسجد ظاهرا

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Парвардигор! Ислом динини Абу Жаҳл ёки Умар билан қувватлантиргин", деб дуо қилдилар. Дуонинг шарофатидан тонг отиши билан Умар уйғониб, эрталабданоқ пайғамбар ҳузурига борди. Аллоҳга қалбини очиб мусулмон бўлди. Шундан сўнг Масжиди ҳарамга бориб, мусулмон бўлганлигини билдириш учун намозни ошкора ўқиди», дейилган.

Ўша пайтда Умар исломни қабул қилмаган бўлиб, мушриклар қаторида пайғамбаримизга ва мусулмонларга озор берар эди. Пайғамбаримизнинг дуолари ижобат бўлиб, Аллоҳ  Умарни имон нури билан мушарраф қилди. Ҳазрати Умар эрталаб пайғамбаримизни ўлдириш пайида уйдан чиқиб, йўли синглисиникига бурилди. Синглиси мусулмон бўлиб, Тоҳа сурасини тиловат қилаётган эди. У зот Қуръон оятларини биринчи марта эшитаётган бўлса ҳам унинг теран маънолари қалбига бориб етди. У уйдан шиддат билан чиқиб, Расулуллоҳнинг ҳузурларига борди. Расулуллоҳ уни яхши қаршилаб қучоқлаб олдилар. Шу билан унинг қалбини эгаллаб олган залолат куфри кетиб, унинг ўрнини имон нури эгаллаб олди. Шунда мусулмонлар ҳаммаси бўлиб 35 нафар эркак ва 4 нафар аёлдан иборат эди.  Қирқинчи бўлиб Ҳазрати Умар мусулмон бўлдилар.

Шу кунгача мусулмонлар уйда яширинча ибодат қилишарди. Ҳазрат Умар мусулмон бўлишлари билан «Эй, Расулуллоҳ! Динимиз ҳақ бўлса, нега яширинча ибодат қиламиз? Бугундан бошлаб ҳеч кимдан қўрқмасдан ошкора ибодат қиламиз», деб Байтуллоҳга бориб, ошкора ибодат қилдилар, намоз ўқидилар. Мусулмонлар ҳам шу кундан бошлаб Каъбатуллоҳга бориб, ошкора намоз ўқий бошлашди. Бу воқеадан Ҳазрати Умарнинг нақадар ботир ва шижоатли зот эканлиги маълум бўлди.

Мушриклар мусулмонларга тинимсиз озор бераверганидан кейин пайғамбаримиз уларни Мадина шаҳрига ҳижрат қилишга буюрдилар. Мусулмонлар яширинча бир - иккита бўлиб, Мадинаи мунавварага кета бошлашади. Фақат Ҳазрати Умар ҳеч кимдан қўрқмасдан, ошкора: «Мен эртага ҳижратга чиқаман, кимки болаларини етим, хотинини бева қолдирмоқчи бўлса, йўлимга чиқсин», деб ҳижратга чиқишларини эълон қиладилар. Мушриклардан ҳеч ким у зотнинг йўлларини тўса олмайди. Шундай қилиб, очиқчасига юриб, эсон омон Мадинага Пайғамбаримизнинг олдиларига етиб келадилар. Имом Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайрадан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:

لقد كان فيما قبلكم من الامم محدثون فان يك في امتي احد فانه عمر

«Батаҳқиқ сизлардан один ўтган умматларда Аллоҳ томонидан илҳом берилганлар бўлган. Менинг умматимдан бирор киши ўшалардан бўладиган бўлса, у ҳам Умардир», деб Ҳазрати Умарнинг фазилатли инсонлардан бири эканлиги хабарини берганлар. Дарҳақиқат,  йигирма беш нарсада Ҳазрати Умарнинг сўзлари Аллоҳнинг сўзига тўғри келган. Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Менинг осмонда ва ерда иккитадан вазирим бордир. Осмондагилари Жаброил ва Микоил, ердагилари Абу Бакр ва Умардир", деб марҳамат қилганлар. У зот Умар Одил номи билан машҳур бўлиб, кечалари давлат ишларини бошқаришда, давлат шамъини, ўз ишлари учун эса ўз шамъларини ёққанлар. Халифа бўла туриб ҳам кийимлари эскириб йиртилиб кетган бўлса ҳам, давлат мулкидан олмасдан йиртиғини ямаб кияверганлар.

Qayd etilgan


Hanafiy  09 Mart 2008, 07:52:32

26-масала
Ҳазрати Усмон Ҳазрати Абу Бакр ва Умар Одиллардан кейинги умматнинг афзали экани ҳақида


Ҳазрати Усмон пайғамбаримизнинг учинчи халифалари бўлиб, Расулуллоҳ қизларининг жуфти ҳалоли эди. Биринчи қизлари вафот этгач, иккинчи қизларини никоҳлаб берганлар. Шунинг учун зуннурайни-икки нур эгаси лақабига сазовор бўлганлар.

Пайғамбаримиз: "Эй Усмон, мени пайғамбар қилиб юборган Аллоҳ ҳаққи, сен менинг дунё ва охиратлик дўстимсан", деб марҳамат қилганлар.

Табук жанги иссиқ кунларга тўғри келиб, мусулмонлар  озиқ-овқат ва минадиган уловларга муҳтож бўлиб турганда, Расулуллоҳ, имкони борлар озиқ-овқат ва минадиган улов билан ёрдам берсин, деганларида Ҳазрати Усмон Аллоҳ йўлида уч юзта туяни эгар жабдуғлари ва ёпинчиқлари билан ҳадя қилдилар. Пайғамбаримиз Ҳазрати Усмоннинг фидокорлигига жавобан: “Бундан кейин Усмонга ҳеч бир нарса зарар бера олмас!», деб марҳамат қилганлар.

Мадина аҳлининг ичадиган суви йўқ бўлиб, бир яҳудий қудуғидан сув олишар эди. У сувни қимматга сотганлиги учун ҳамма ҳам унинг сўраган пулини бера олмас эди. Ҳазрат Усмон шу қудуқни яҳудийдан ниҳоятда қиммат пулга сотиб олиб, мусулмонларга ҳадя қилганлар. Ҳазрати Усмоннинг ислом динига қилган хизматлари ниҳоятда катта бўлиб, Расулуллоҳ у зот ҳақида: "Усмон ибн Аффон умматимнинг гуноҳкор ва жаҳаннамга киришга мустаҳиқ бўлганларидан етмиш мингтасини шафоат қилгай", деганлар.

У зотнинг 13 йиллик халифалик даврида футуҳотлар кўп бўлиб, ислом давлати ҳудуди кенгайди. Ҳазрати Усмоннинг Қуръони каримни китоб ҳолига келтиришлари, унинг йўқолиб кетишининг олди олинишига ва Ҳазратнинг «Жомиъу каламиллаҳ» унвонига сазовор бўлишларига сабаб бўлди. Ниҳоят, бу муборак зот ўз хоналарида шаҳид қилиндилар ва муборак қонлари ўзлари ўқиб турган мусҳафи шарифнинг "фаса якфика ҳумуллоҳ" оятининг устига тўкилди. Аллоҳнинг марҳамати билан ўша муқаддас, муборак Қуръон она диёримизда, мусулмонлар идораси кутубхонасида сақланмоқда.

Qayd etilgan


Hanafiy  09 Mart 2008, 07:53:27

27-масала
Ҳазрати Али Абу Бакр Сиддиқ, Умар Одил, Усмон Зуннурайнлардан кейин умматнинг афзали экани ҳақида


Бу зот чаҳорёрларнинг тўртинчисидир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Мендан кейин халифалик ўттиз йилдир", деганлар. Бу муддат хулафои рошидинларнинг тўртинчиси ҳазрати Али даврида тугади.

Имом Бухорий ва Муслимлар Саъд ибн Абу Ваққосдан қилган ривоятларида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Эй Али! Ҳорун алайҳиссалом Мусо алайҳиссаломга қандоқ бўлса, сен ҳам менга ўшандоқсан, лекин мендан кейин пайғамбарлик йўқ", деб марҳамат қилганлар.

Имом Термизий ибн Умардан ривоят қилган ҳадисда: "Пайғамбаримиз Мадинага борганларидан кейин саҳобалардан ҳар иккитасини бир-бирига биродар қилдилар. Биродар бўлмаган ҳеч ким қолмади. Ҳазрати Али пайғамбаримиз олдиларига йиғлаган ҳолда келиб, «Ё Расулуллоҳ! Асҳобалардан ҳаммасини бир-бирига биродар қилдингиз, мени эса ҳеч кимга биродар қилмадингиз», дедилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Сен менинг дунёдаги ва охиратдаги биродаримсан", деб Алини ўзларига биродар қилдилар.

Имом Бухорий ва Муслимлар Саҳл ибн Саъд  разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: Хайбар қабиласини фатҳ этишда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Мен эртага байроқни бир кишининг қўлига бераман. Аллоҳ унинг қўлида Хайбарни фатҳ қилади. Аллоҳ  ва унинг расули уни яхши кўради, у ҳам Аллоҳ ва унинг расулини яхши кўради", дедилар. Тонг отиши билан ҳаммалари Расулуллоҳнинг ҳузурларига йиғилишди ва ҳаммалари ҳам байроқни ўзларига берилишини умид қиларди. Расулуллоҳ  саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Али ибн Абу Толиб қани?», деб сўрадилар. Унинг кўзи оғриган, дейишди. Расулуллоҳ уни келтиришни буюрдилар. Бориб у зотни олиб келишди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак тупукларини Алининг кўзига сурдилар. Шу онда Алининг кўзлари гуёки ҳеч нарса бўлмагандек соғайди. Байроқни унинг қўлига бердилар. Ҳазрат Али: «Ё Расулуллоҳ, улар ўзимиздек мусулмон бўлгунларича курашаман», деб ваъда бердилар. Расулуллоҳ: "Уларни юмшоқлик билан Исломга даъват қил ва уларнинг зиммасида бўладиган Аллоҳнинг ҳаққини тушунтир. Аллоҳ номига қасамки, сенинг қўлингда бир кишининг ҳидоят топгани олтин -кумушлардан яхшироқдир", деб марҳамат қилдилар.

Шу ҳадислар мазмуни ҳазрати Алининг Аллоҳ ва унинг расули ҳузурида мартабаси юқори эканлигини кўрсатади.
Ҳазрати Алининг ўзлари Аллоҳнинг бандаси эканликлари билан фахрланиб:

كفي بي عزا ان تكون لي ربا
و كفي بي فخرا ان اكون لك عبدا

"Менга шул иззат кифоядирки, сен менинг Раббимсан. Ва менга шул фахр кифоядирки, мен сенинг қулингдирман", деганлар. У зотнинг ҳикматли сўзлари кўп бўлиб, жумладан: "Хоҳлаганингча едирғил, сен унинг амири бўлурсан. Кимга муҳтож бўлсанг, сен унинг асири бўлурсан!";

"Илмсиз ибодатда ҳам, фаҳмсиз илмда ҳам ва тафаккурсиз қироатда ҳам яхшилик йўқдир", деганлар.

Халифа бўла туриб, фақирликдан қишда совқотар эканлар. "Байтул молдан бирон кийим олсангиз-чи?», дейишса, “Мен мусулмонларнинг мулкини камайтиришни хоҳламайман“, дер эканлар. Олтмиш уч ёшга етганларида, шаҳид бўлган ҳолда, Аллоҳнинг ҳузурига равона бўлдилар.

Qayd etilgan


Hanafiy  09 Mart 2008, 07:55:19

28-Масала
Асҳоби киромларни севмоқ имондан экани ҳақида


Имом Бухорий ва Муслимлар Абу Саид Ал-Худрийдан қилган ривоятда расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Саҳобаларимни сўкманглар (ҳақоратламанглар). Гарчи сизлардан биронтангиз Уҳуд тоғичалик олтинни Аллоҳ йўлида инфоқ қилса (садақа қилса) ҳам, уларга, ҳатто уларнинг ярмига ҳам ета олмайсизлар", деганлар. Чунки Аллоҳ юборган динни қабул қилиб, пайғамбар ва Ислом учун жонларини, мол-мулкларини фидо қилдилар. Улар жонбозлик кўрсатмаганларида дин бизгача етиб келмасди. Шунинг учун уларнинг қадрига етиб, эҳтиромда бўлишимиз керак. Бандачилик қилиб, ораларида ихтилофлар пайдо бўлган бўлса, бунинг учун уларни сўкиб, ҳурматларини кеткизишдан тилимизни тийишимиз лозим. Зеро, ўша ихтилофлар шахсий ғараз учун эмас, балки бирор масалани ечишдаги ижтиҳоддан келиб чиққан мунозаралар бўлиб, ҳатто хато қилган тақдирда ҳам уларга бир савоб берилади. Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расули Акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам :

لا تمسّ النار مسلما ر أني او راي من رأني

"Мени кўрган мусулмонни ёки мени кўрган (кишини) кўрган мусулмонни дўзах ўти ушламайди, яъни, ёндирмайди", деб марҳамат қилган. (Имом Термизий ривояти).

Расулуллоҳнинг бу ваъдалари уларнинг фазилатли улуғ инсонлар эканлигини исботлашга кифоя қилади. Қандай кифоя қилмасин, ахир Аллоҳ субҳанаҳу таоло улар шаънига Тавба сурасининг 100-оятида:

 وَمَا كَانَ لِنَفْسٍ أَن تُؤْمِنَ إِلاَّ بِإِذْنِ اللّهِ وَيَجْعَلُ الرِّجْسَ عَلَى الَّذِينَ لاَ يَعْقِلُونَ

«Муҳожир ва ансорларнинг биринчи пешқадамлари ва уларга чиройли амаллар билан эргашган зотлар-Аллоҳ улардан рози бўлди ва улар ҳам Ундан рози бўладилар. Яъни, Аллоҳ улар учун остидан дарёлар оқиб турадиган, улар абадий қоладиган жаннатларни тайёрлаб қўйибди», деб марҳамат қилган бўлса. Имом Разин Умар ибн Хаттобдан ривоят қилган ҳадисда: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Мен раббимдан, асхобларим мендан кейин қиладиган ихтилофлари тўғрисида сўрадим. Аллоҳ менга ваҳий қилиб :Эй Муҳаммад! Асҳобларинг менинг назаримда осмондаги баъзиси баъзисидан қувватли бўлган юлдузларга ўхшайди-ки, уларнинг ҳар бирининг нури бор. Умматларингдан қайси бири уларнинг ихтилофига қарамасдан ушласа, у ҳидоят йўлида бўлур", деди. Шунинг учун ҳам расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:

اصحابي كالنجوم بأيهم اقتديتم اهتديتم

"Менинг саҳобаларим юлдузлар кабидирлар. Уларнинг қайси бирига иқтидо қилсангиз (эргашсангиз) ҳидоятга етгайдирсиз", деганлар. Аллоҳ ва унинг расули юқори баҳо берган зотлар шаънига ножўя гаплар айтишдан барча мўъминларни Аллоҳнинг ўзи асрасин. Зеро, пайғамбаримизнинг ўзлари:

من ابغض اصحابي فهو منافق

"Кимки саҳобаларимга душманлик қилса, ул мунофиқдир" деб асҳоби киромларни ёқтирмайдиганларнинг ҳукмини чиқариб қўйганлар.

Qayd etilgan