Muhammad Zohid Qo'tqu. Ahli sunnat val-jamoat aqoidi  ( 151669 marta o'qilgan) Chop etish

1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 ... 21 B


Hanafiy  09 Mart 2008, 07:55:43

29-масала
Аллоҳ таолонинг ризоси ҳам, ғазаби ҳам бор


Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Нисо сурасининг 93-оятида:

وَمَن يَقْتُلْ مُؤْمِنًا مُّتَعَمِّدًا فَجَزَآؤُهُ جَهَنَّمُ خَالِدًا فِيهَا وَغَضِبَ اللّهُ عَلَيْهِ وَلَعَنَهُ وَأَعَدَّ لَهُ عَذَابًا عَظِيمًا

«Кимда-ким қасддан бир мўъминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга ғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга улкан азобни тайёрлаб қўйгай», деб марҳамат қилган.

Бу ояти кариманинг мазмунидан кимда-ким Аллоҳнинг топшириқларини бажармасдан гуноҳ ишларни қилиб, жиноятга қўл урса, ундай бандага Аллоҳнинг ғазаби келишлиги баён этилди. Бу мазмундаги оятлар кўп бўлгани учун биттасининг шарҳи ҳам кифоя деб ўйлайман.

Моида сурасининг 119-оятида:

قَالَ اللّهُ هَذَا يَوْمُ يَنفَعُ الصَّادِقِينَ صِدْقُهُمْ لَهُمْ جَنَّاتٌ تَجْرِي مِن تَحْتِهَا الأَنْهَارُ خَالِدِينَ فِيهَا أَبَدًا رَّضِيَ اللّهُ عَنْهُمْ وَرَضُواْ عَنْهُ ذَلِكَ الْفَوْزُ الْعَظِيمُ"

«Аллоҳ деди: "Бу кун содиқ (мўъмин)ларга содиқлиги фойда берадиган кундир. Улар учун остидан анҳорлар оқиб турадиган жаннат боғлари бордир. Улар у ерда абадий бўлурлар. Улардан Аллоҳ рози ва улар Аллоҳдан рози бўлурлар. Бу буюк ютуқ (бахт)дир».
Тавба сурасининг 72-оятида эса:

وَعَدَ اللّهُ الْمُؤْمِنِينَ وَالْمُؤْمِنَاتِ جَنَّاتٍ تَجْرِي مِن تَحْتِهَا الأَنْهَارُ خَالِدِينَ فِيهَا وَمَسَاكِنَ طَيِّبَةً فِي جَنَّاتِ عَدْنٍ وَرِضْوَانٌ مِّنَ اللّهِ أَكْبَرُ ذَلِكَ هُوَ الْفَوْزُ الْعَظِيمُ

«Аллоҳ мўъминлар ва мўъминаларга остидан анҳорлар оқиб турадиган, мангу яшайдиган жаннатдаги пок масканларни ваъда қилди. Аллоҳнинг розилиги эса ҳамма нарсадан улуғроқдир. Мана шу ҳақиқий буюк (бахтдир) ютуқдир», деб марҳамат қилган.

Бу ояти карималарда яхши амаллари билан Аллоҳни рози қилганлар улуғ бахтга эришишлари уқтирилмоқда. Юқорида келтирилган оятларнинг мазмунидан Аллоҳнинг ғазаби ҳам, розилиги ҳам борлигини билдик.

Биз инсонлар эса махлуқмиз, ғазаблансак, дарҳол ҳолимиз ўзгаради, ғазабимизни жиловлаб олмай, катта хатоларга йўл қўямиз. Ризомиз ҳам шундай, рози бўлган томонимизга оғиб кетамиз. Аммо Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ғазаби ҳам, ризоси ҳам Унинг ҳолига ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди.

Ҳар қандай бир ҳолга ўзгаришлик махлуқ бўлган биз бандаларга хосдир. Холиқда бу нарса тасаввур қилинмайди. Чунки холиқнинг сифати ҳам Ўзи каби қадим ва ўзгармасдир. Шунинг учун жаннат холиқнинг ризо уйидир, у ерга Ўзи рози бўлган бандаларни киритади. Шундоқ экан, унинг розилигини топиш учун бутун тани жонимиз билан ҳаракат қилмоғимиз лозим. Жаҳаннам эса ғазаб уйидир. У ерга амрига итоат қилмай, осий бўлган бахтсиз бандаларни киргизади. Бахтсизлар қаторига тушиб қолмаслик учун гуноҳ бўладиган ишлардан четланишимиз зарурдир.

Qayd etilgan


Hanafiy  09 Mart 2008, 07:56:01

30-масала
Жаннатда мўъминлар Аллоҳ таолони кўришлари ҳақлиги тўғрисида


Бу дунё Аллоҳнинг наздида қадрсиз нарса, шунинг учун ҳам уни фоний-йўқ бўлувчи қилиб яратган. Фоний дунёга ҳирс қўйганлар эса, Аллоҳнинг наздида фоний каби қадрсиз инсонлар саналади.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг:
"Дунё - мўъминнинг зиндонидир", деган ҳадислари ҳам бу дунё қадрсиз, ғам-ташвишларга тўла, вақтинчалик бир макон эканлигини тасдиқлайди. Мўъминнинг ҳақиқий жойи жаннат. Ана шу ҳақиқий жойга етиш учун мўъмин дунёда яхшилик уруғини экиши керак. Зеро, пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам "Дунё охират экинзори", деб марҳамат қилганлар. Банда экинзорининг ҳосилини иншааллоҳ жаннатда кўрур. Жаннатнинг нозу неъматлари абадий бўлиши билан бирга, ундаги неъматнинг энг аълоси Аллоҳ таолонинг жамолини кўришдир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Қиёмат сурасининг 22-23-оятларида:

وُجُوهٌ يَوْمَئِذٍ نَّاضِرَة() إِلَى رَبِّهَا نَاظِرَةٌ ()

«Ул кунда мўъминларнинг юзлари яшнаб, Парвардигорига боқиб тургувчидир!», деб мўъминлар Аллоҳ таолони жаннатда кўришлари ҳақ эканлигини билдирмоқда.

Имом Бухорий Жарир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилган ҳадисда: "Биз саҳобалар тўлиной ўн тўрт кунлик бўлган кунда расулуллоҳнинг ҳузурларида ўтирган эдик. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ойга қараб, сизлар тез кунда раббиларингизни мана шу ойни кўргандек кўрасизлар", дедилар. Имом Муслим Суҳайб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ:

"قال رسول الله(ص) اذا دخل اهل الجنة الجنة يقول الله تعالى: تريدون شيئا ازيدكم؟ فيقولون الم تبيض و جوهنا؟ الم تدخلنا الجنة و تنجنا من النار؟ قال: "فيرفع الحجاب فينظرون الى وجه الله فما أعطوا شيئا احب اليهم من النظر الى ربهم" ثم تلا(للذين احسنوا الحسني و زيادة)"

"Аҳли жаннатлар жаннатга кирганларидан кейин Аллоҳ таоло: «Бундан ҳам зиёдароқ нарсани хоҳлайсизми?», дейди. Жаннатилар: «Юзимизни ёруғ қилдинг, жаннатингга киргиздинг, дўзахдан қутқардинг (нажот бердинг) бундан ортиқроқ нарса бўладими?», дейишганда, ҳижоб кўтарилиб, Аллоҳнинг (жамолига) юзига қарайдилар ва раббиларига қарашдан кўра махбуброқ нарса берилмаганлигини биладилар", деб ўз сўзларига далил бўлиши учун Юнус сурасидаги 26-оятни ўқидилар:

للَّذِينَ أَحْسَنُواْ الْحُسْنَى وَزِيَادَةٌ...

«Эзгу иш қилганларга (яъни, Аллоҳни якка билиб, солиҳ амаллар қилганларга) чиройли (савоб-жаннат) ва зиёдалик (Аллоҳнинг дийдорини кўришлик) бордир».

Ояту ҳадисларнинг мазмунидан мўъминлар Аллоҳнинг дийдорини кўришлари ҳақ эканлиги маълум бўлди.

Qayd etilgan


Hanafiy  09 Mart 2008, 07:56:22

31-масала
Пайғамбарларнинг (мартаба) даражалари авлиёлар даражаларидан юқорилиги ҳақида


Кимки авлиёларнинг кароматларига алданиб, уларнинг мартабаси пайғамбарларнинг мартабасидан юқори деса, бидъатчилар қаторига қўшилиб, аҳли суннат жамоасидан ташқарига чиққан бўлади. Шуни билиб қўйишимиз керакки, авлиёлардан қанчалик кароматлар зуҳурга келмасин, ҳеч бир авлиё пайғамбарлик мартабасига эриша олмайди. Авлиёлар ўз даврларининг пайғамбарларига тобеъдирлар. Зеро, пайғамбарларга итоат қилмоқ, Аллоҳ томонидан буюрилган тоатдир ва пайғамбарга итоат қилган банда Аллоҳга итоат қилган кабидир.

Нисо сурасининг 13-оятида:

وَمَن يُطِعِ اللّهَ وَرَسُولَهُ يُدْخِلْهُ جَنَّاتٍ تَجْرِي مِن تَحْتِهَا الأَنْهَارُ خَالِدِينَ فِيهَا وَذَلِكَ الْفَوْزُ الْعَظِيمُ...

«Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, уни остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга киритиб, ўша жойда абадий ҳаёт бахш этар ва бу катта зафардир», деб марҳамат қилган.

Яна шу Нисо сурасининг 69-оятида:

وَمَن يُطِعِ اللّهَ وَالرَّسُولَ فَأُوْلَـئِكَ مَعَ الَّذِينَ أَنْعَمَ اللّهُ عَلَيْهِم مِّنَ النَّبِيِّينَ وَالصِّدِّيقِينَ وَالشُّهَدَاء وَالصَّالِحِينَ وَحَسُنَ أُولَـئِكَ رَفِيقًا

«Кимда-ким Аллоҳга ва пайғамбарга итоат этса, ана ўша Аллоҳ инъомларига сазовор бўлган зотлар-пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар (яхши амал қилиб ўтган кишилар) билан бирга бўлурлар. Улар эса энг яхши ҳамроҳлардир», деб пайғамбарларга итоат қилганларни Аллоҳга итоат этганлар билан тенг қилди.

Бу оятлардан Аллоҳга ва пайғамбарларга итоат қилмоқликнинг мукофоти жаннат эканлигини билдик. Биронта ҳам оятда авлиёларнинг зикри ўтмади. Бинобарин, авлиёлар пайғамбарларга қиёс қилинмайди. Авлиёнинг авлиё бўлиши ўз даври пайғамбарига эргашиши натижасидир. Авлиёлар хатоларга йўл қўйиши ва авлиёлик мартабасидан маҳрум бўлиши мумкин. Пайғамбарлар эса хатога йўл қўймайдилар. Аллоҳ уларни хатодан асраган. Шунинг учун ҳам уларга эргашиш вожиб. Пайғамбарлар хатога йўл қўйганларида, уларга эргашиш вожиб бўлмасди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло уларга итоатли бўлишга буюрди.

Имом Бухорий ва Имом Муслим Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам:

من اطاعني فقد اطاع الله و من عصاني فقد عصي الله و من اطاع الامير فقد اطاعني و من عصي الامير فقد عصاني

"Кимки менга итоат қилса, Аллоҳга итоат қилган бўлади ва кимки менга осий бўлса, Аллоҳга осий бўлади. Кимки амирга итоат этса, менга итоат қилган бўлади ва кимки амирга осий бўлса, менга осий бўлади”, деб марҳамат қилганлар.

Qayd etilgan


Chustiy  10 Mart 2008, 03:37:31

Assalamu alaykum.
Din ylida qilayotgan hizmatlarizi Alloh davomli va ajrli qilsin. Yahshi kitob ekan. Hanafiy, kitob manzilini ham keltirsangiz chok hursand blardik.

Qayd etilgan


Hanafiy  10 Mart 2008, 06:44:47

32-масала
Авлиёларнинг кароматлари ҳақлиги борасида


Уни инкор қилмоқлик адашган бидъатчиларнинг ишидир. Қуръони каримда авлиёларнинг кароматлари зикр қилинган. Жумладан, Юнус сурасининг 62-64 оятларида:

أَلا إِنَّ أَوْلِيَاء اللّهِ لاَ خَوْفٌ عَلَيْهِمْ وَلاَ هُمْ يَحْزَنُونَ. () الَّذِينَ آمَنُواْ وَكَانُواْ يَتَّقُون. () لَهُمُ الْبُشْرَى فِي الْحَياةِ الدُّنْيَا وَفِي الآخِرَةِ لاَ تَبْدِيلَ لِكَلِمَاتِ اللّهِ ذَلِكَ هُوَ الْفَوْزُ الْعَظِيمُ . ()

«Огоҳ бўлингки, албатта, Аллоҳнинг валий (дўст)ларига (охиратда) хавф йўқдир ва улар ташвиш ҳам чекмаслар. Улар имон келтирган ва тақволи бўлганлардир. Уларга дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам башорат (хушхабар) бордир. Аллоҳнинг сўзларида ўзгартириш йўқдир. Ана шу буюк ютуқдир», деб марҳамат қилинган. Бу ояти каримада Аллоҳ ўз дўстлари бўлган авлиёларни севиши ва охиратда уларни хавф-хатардан озод қилиши айтилмоқда.

Оли Имрон сурасининг 37-оятида:

كُلَّمَا دَخَلَ عَلَيْهَا زَكَرِيَّا الْمِحْرَابَ وَجَدَ عِندَهَا رِزْقاً قَالَ يَا مَرْيَمُ أَنَّى لَكِ هَـذَا قَالَتْ هُوَ مِنْ عِندِ اللّهِ إنَّ اللّهَ يَرْزُقُ مَن يَشَاء بِغَيْرِ حِسَابٍ

«Ҳар гал Закариё (Марямнинг) олдига-меҳробга кирганида, олдида ризқ (муҳайё) турганини кўрар эди. У: «Эй, Марям, бу нарсалар сенга қаёқдан келди?», деб сўраса, (Марям): «Булар Аллоҳ ҳузуридан. Албатта, Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларга беҳисоб ризқ берур», деб жавоб берар эди», дейилган.

Имом Бухорий Анас (р.а.)дан ривоят қилган ҳадисда: «Усайд ибн Ҳузайр ва Уббод ибн Бишр хуфтон намозидан кейин пайғамбаримизнинг ҳузурларида ўз ҳожатлари тўғрисида суҳбатлашиб, анча ўтириб қолишди. Суҳбат тугагач, зим-зиё қоронғу кечада иккаласи йўлга тушишди. Иккаласининг ҳам қўлларида кичик асо (ҳасса)лари бор эди. Бирининг қўлидаги асодан ёруғлик-нур чиқиб, уларнинг йўлларини ёритиб борди. Йўллари бўлинган жойга етганда, иккинчисининг ҳам асосидан нур чиқиб, уйларига етгунча ёритиб борди», дейилган.

Имом Байҳақий «Далоилун-нубувват» китобларида Ибн Умар (р.а.)дан ривоят қилган ҳадисда:

ان عمر بن الخطاب بعث جيشا و امََّر عليهم رجلا يدعي سارية فبينما عمر يخطب فجعل يصيح يا ساري الجبل فقدم رسول من الجيش فقال يا امير المؤمنين لقينا عدونا فهزمونا فاذا بصائح يصيح يا سارى الجبل فاسندنا ظهورنا الي الجبل فهزمهم الله تعالى

«Ҳазрати Умар халифалик даврларида футуҳот учун лашкар юбориб, унга Сория исмли кишини амир қилиб тайинладилар. Жумъа намозида хутба қилиб турганларида, бирданига «Эй, Сория, тоғ томонига ўт», деб қичқирдилар. Бир қанча кундан кейин Сория лашкарларидан вакил қилиб, вазиятдан хабар берди ва «Ё, амирал-мўъминин! Душман билан бўлган жангда аҳволимиз танг бўлиб қолди, шунда, эй, Сория, тоғ томонига ўт, деган қичқириқ эшитилди. Шундан кейин орқамизни тоққа қилган эдик, душманимиз енгилди», дебди».

Аллоҳ таоло Намл сурасида Сулаймон (а.с.) билан Яман мамлакатининг Сабаъ шаҳри маликаси Билқис ўртасида бўлиб ўтган воқеани баён қилади.

Сулаймон (а.с.) Билқисни Ислом динига даъват қилиб нома юбордилар. Билқис фаросатли, зукко аёл эди. Номани ўқиб кўриб, Сулаймон (а.с.)ни ҳақиқий пайғамбарми ёки мол-дунёга қизиқувчи оддий босқинчи подшоҳми эканлигини билиш учун ҳадя юборди. Қилаётган тадбири тўғрисида халқига маълум қилиб, агар қимматбаҳо ҳадяларни олса, мол-дунёга ҳирс қўйган оддий босқинчи подшоҳ бўлади, унда биз унга қарши лашкар йиғиб, жанг қиламиз. Агар ҳадяни қабул қилмаса, ҳақиқий пайғамбар бўлади. У ҳолда биз сўзсиз таслим бўламиз, деди.

Сулаймон (а.с.) юборилган қимматбаҳо ҳадяларни қабул қилмаганларидан кейин у зотнинг ҳақиқий пайғамбар эканликларини билди. Ислом динини қабул қилиш учун аркони давлат арбоблари ҳамда ўн икки минг одам билан йўлга чиқди ва бораётганлиги хабарини бериш учун чопар юборди. Чопар келгач, Сулаймон (а.с.) ўзларини ҳақ пайғамбар эканликларини исботлаш учун бир мўъжиза кўрсатишлари керак эди. Сулаймон (а.с.) Аллоҳга дуо қилиб, мўъжиза кўрсатишлари мумкин бўлса ҳам, ўз қавмлари ичида етук инсонлар борлигини билиш учун, уларга мурожаат қилиб: «Эй, одамлар, улар менинг ҳузуримга бўйсунган ҳолларида келишларидан илгари қайси бирингиз менга Билқиснинг тахтини келтира олурсиз», дедилар. Шунда жинлардан бир паҳлавони: «Мен уни сен ўрнингдан туришингдан олдин келтираман», деди. Сулаймон (а.с.): «Ундан ҳам тезроқ келтира оладиган борми?», дедилар. Шунда Сулаймон (а.с.)нинг вазирлари Осиф ибн Барҳаё: «Мен уни кўз очиб-юмгунингизча келтираман», деди. Бу тўғрисида Намл сурасининг 40-оятида:

قَالَ الَّذِي عِندَهُ عِلْمٌ مِّنَ الْكِتَابِ أَنَا آتِيكَ بِهِ قَبْلَ أَن يَرْتَدَّ إِلَيْكَ طَرْفُكَ

«Китоб (исми аъзам)дан илми бор зот эса: «Мен кўз очиб-юмгунимча уни сенга келтирурман», деди», дейилган.

Дарҳақиқат, Осиф ибн Барҳаёнинг дуоси билан малика Билқиснинг тахти кўз очиб-юмгунча, Сулаймон (а.с)нинг ҳузурида муҳайё бўлди.
Зикр қилинган ояту ҳадислардан авлиёларнинг кароматлари ҳақ эканлигига ишонч ҳосил қилишимиз керак. Чунки, кароматлари Қуръонда зикр қилинган Биби Марям ҳам, Осиф ибн Барҳаё ҳам пайғамбар эмас, фақат сидқидилдан Аллоҳга ибодат қилишлари натижасида авлиёлик даражасига етган комил бандалардир. Авлиёларнинг кароматлари Қуръон билан исбот қилинганидан кейин уларни инкор этган киши кофир саналади. Бир авлиё бомдод суннатини уйда ўқиб, фарзини Маккада ўқиркан дейилса, эшитган киши уни инкор этса, у ҳам кофир, деб ҳукм қилинади. Чунки, кофирларнинг раиси Шайтон алайҳи лаънаҳ бир зумда мағрибдан машриққа бориб келади-ю, Аллоҳнинг дўсти Маккага бориб кела олмас эканми?

Qayd etilgan


Hanafiy  10 Mart 2008, 06:45:25

33-Масала
Аллоҳ таоло хоҳлаган ишини қилиши ҳақида


Аллоҳнинг хоҳиши барча хоҳишлардан устундир, Ҳақ таоло Ўзи хоҳлаган ишни қилур, хоҳлаганини ҳукм қилур. Ҳеч кимни Ўз ишига аралаштирмас.

Ҳаж сурасининг 14-оятида:

إِنَّ اللَّهَ يُدْخِلُ الَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ جَنَّاتٍ تَجْرِي مِن تَحْتِهَا الأَنْهَارُ إِنَّ اللَّهَ يَفْعَلُ مَا يُرِيدُ

«Албатта, Аллоҳ имон келтирган ва эзгу ишларни қилган зотларни остидан анҳорлар оқиб турадиган жаннатларга дохил қилур. Албатта, Аллоҳ хоҳлаган ишини қилур»;

Буруж сурасининг 16-оятида:

فَعَّالٌ لِّمَا يُرِيدُ

«У истаган нарсасини амалга оширувчидир»;

Раъд сурасининг 41-оятида:

لاَ مُعَقِّبَ لِحُكْمِهِ وَهُوَ سَرِيعُ الْحِسَابِ

«Аллоҳ ҳукм қилур-Унинг ҳукмини таъқиб этувчи (текширувчи) бўлмас. У тез ҳисоб-китоб қилувчидир»;

Бақара сурасининг 142-оятида:

قُل لِّلّهِ الْمَشْرِقُ وَالْمَغْرِبُ يَهْدِي مَن يَشَاء إِلَى صِرَاطٍ مُّسْتَقِيمٍ

«Айтинг,эй Муҳаммад! Машриқ ҳам, Мағриб ҳам Аллоҳникидир. У Ўзи хоҳлаган кишиларни тўғри йўлга бошлайди»;

Раъд сурасининг 39-оятида:

يَمْحُو اللّهُ مَا يَشَاء وَيُثْبِتُ وَعِندَهُ أُمُّ الْكِتَابِ

«Ўзи хоҳлаган нарсани (яъни, ҳукмни) ўчирур ва (Ўзи хоҳлаган ҳукмни) барқарор қилур. Китоблар онаси (Лавҳул-Маҳфуз, яъни барча нарсаларнинг билими битилган китоб) Унинг ҳузуридадир», деб марҳамат қилган.

Бу оятларнинг ҳаммаси ҳукм Аллоҳнинг қўлида эканини, У хоҳлаган ҳукмини, хоҳлаган ишини қилиши мумкинлигини исботлайди. Банда эса Аллоҳнинг яратган нарсаси, Унинг мулкидир. Қўлидан ҳеч нарса келмайди, ҳеч бир ишнинг охирини, оқибатини билмайди. Шунинг учун ўз иродаси, хоҳишига эмас, Аллоҳнинг иродасига таслим бўлмоғи лозим ва бундан гўзалроқ нарса йўқ. Чунки, инсон бугун бор бўлса, эртага борми-йўқми билмайди. Шундай экан, ҳатто бугунги кунига ҳам таянолмайди.

Инсонлар бу дунёда бойдир ёки фақир, шоҳдир ёки гадо, олимдир ёки жоҳил, ҳеч қайсиси боқий эмас. Кечаги бой, бугун фақир, бугунги фақир эртага бой. Бугунги сўфи эртага нима бўлишини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди.

Тариқат илми ривожланган даврда пирга инобат қилган бир мурид дарвеш бор экан. Каромат билан «Лавҳул-Маҳфуз»да ўз пирининг номи дўзахилар қаторида турганини кўрибди. Аммо, буни пирга айтишга журъат этолмабди. Иттифоқо, бир куни фурсат етиб, кўрганини пирига чиройли равишда айтибди. Пири бўлса, «Эй фарзанд! Мен бу ёзувни қирқ йилдан бери кўрмоқдаман! Менинг вазифам Аллоҳ таолонинг топшириқларини бажариб, чиройли қуллик қилишдан иборатдир. Аллоҳнинг ишига аралашиш банданинг қўлидан келмайди. У мени жаннатга киритадими, дўзахига соладими, Унинг иши. Фақат мендан рози бўлса, бўлгани», деб жавоб берибди.

Шу суҳбатдан кейин, эртасига пир ҳам, мурид ҳам қарашса, «Лавҳул-Маҳфуз»даги ёзув ўзгариб, пир аҳли жаннатилар қаторига ёзилибди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Раъд сурасининг 39-оятида Ўзининг ҳокими мутлақ эканлигини билдириб:

«Аллоҳ Ўзи хоҳлаган нарсани (яъни, ҳукмни) ўчирур ва (Ўзи хоҳлаган ҳукмни) собит қилур», деб марҳамат қилган. Биз бандалар ҳазрат Умар (р.а.) «Ё, Парвардигор! Агар менинг исмимни бахтсизлар девонига ёзган бўлсанг, ул ёзувни у ердан саодатли бандалар девонига кўчир», деб дуо қилганларидек, дуо қилишимиз лозимдирки, шунда Аллоҳ биздан рози бўлади.

Qayd etilgan


Hanafiy  10 Mart 2008, 06:45:42

34-Масала
Пайғамбарлар ва мўъминлар ақли кофирлар ақли билан бир хил эмаслиги ҳақида


Кимки кофирлар билан мўъминларнинг ақли тенг деса, бидъатчи саналади.

Қуръони каримда кофирларнинг ақли ноқис, заиф эканлигини билдирувчи оятлар кўп. Жумладан, Бақара сурасининг 171-оятида:

وَمَثَلُ الَّذِينَ كَفَرُواْ كَمَثَلِ الَّذِي يَنْعِقُ بِمَا لاَ يَسْمَعُ إِلاَّ دُعَاء وَنِدَاء صُمٌّ بُكْمٌ عُمْيٌ فَهُمْ لاَ يَعْقِلُونَ

«Куфр йўлидаги кимсаларнинг мисоли худди фақат овози ва чақириқни эшитадиган ҳайвонларга қичқираётган кишининг мисолидир. Улар кар, соқов, кўрдирларки, гапни англашмайдилар»;

Юнус сурасининг 100-оятида:

وَمَا كَانَ لِنَفْسٍ أَن تُؤْمِنَ إِلاَّ بِإِذْنِ اللّهِ وَيَجْعَلُ الرِّجْسَ عَلَى الَّذِينَ لاَ يَعْقِلُونَ

«Аллоҳнинг изни-иродасисиз ҳеч бир жон имон келтира олмас. Азобни эса Аллоҳ ақл юритмайдиган кимсаларга раво кўрур»;

Анфол сурасининг 22-оятида:

إِنَّ شَرَّ الدَّوَابِّ عِندَ اللّهِ الصُّمُّ الْبُكْمُ الَّذِينَ لاَ يَعْقِلُونَ

«Албатта, кар ва соқов бўлиб олган ақлсиз кимсалар Аллоҳнинг наздида энг ёмон ҳайвонлардир»;

Мулк сурасининг 10-оятида:

وَقَالُوا لَوْ كُنَّا نَسْمَعُ أَوْ نَعْقِلُ مَا كُنَّا فِي أَصْحَابِ السَّعِيرِ

«Улар (кофирлар): «Агар бизлар Пайғамбар сўзларини тинглаб, ақл юритганимизда дўзах аҳлидан бўлмас эдик», дерлар», дейилган.

Бу оятларда кофирларнинг ақли ноқислигидан Яратган эгасини танимасдан кар, соқов, кўрларга ўхшаб, тўғри йўлдан адашиб, жаҳаннам азобига мустаҳиқ бўлишлари баён қилинмоқда.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ўзи ақлсиз деб таърифлаган кофирларни ким мусулмонга тенг қила олади?

Инсонларга берилган ақл беш хил эканлигини унутмайлик:
1.   Ақли ғаризий, яъни туғма, табиий ақл.
2.   Ақли такаллуфий.
3.   Ақли атоий.
4.   Ақли нубувват.
5.   Ақли шараф.

Ақли ғаризий-яъни туғма. Табиий ақлда кофирлар ҳам, мусулмонлар ҳам тенгдир. Бу ақл билан ҳамма инсон Аллоҳни, яъни ўз Холиқини таниши керак. Аммо бу ақлнинг ўзи комил бўлмагани учун кофирлар яратган Холиқини таний олмайдилар.

Ақли такаллуфий-кўп ғайрату машаққатлар билан риёзатлар чекиб, уламо ва ҳукамолар суҳбатида бўлиб, уларнинг таъсирида ақлни ўстириб, комилликка интилишдир.

Ақли атоий-Аллоҳ берган бир ақлдирки, бундан кофирлар бенасибдирлар. Бу ақлда Пайғамбарлар ва мўъминлар баробардирлар.

Ақли нубувват-Пайғамбар бўлганлиги учун берилган ақл бўлиб, бу ақл фақат Саййидул-мурсалин, хойрул-башар бўлган Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в)га берилгандирки, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Қалам сурасининг 4-оятида:

وَإِنَّكَ لَعَلى خُلُقٍ عَظِيمٍ

«Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!», деб Пайғамбаримизнинг улуғ хулқ эгаси эканликларини билдирмоқда. Улуғ хулққа эга бўлиш учун эса, албатта, улуғ ақл соҳиби бўлиш шартдир.

Ақли шараф-шараф жиҳатидан берилган ақл бўлиб, Аллоҳ таоло бу ақлни инсонларга ҳам, фаришталарга ҳам бермасдан, фақат биргина ҳабиби бўлган Муҳаммад (а.с.)га насиб этган.

Ваҳб ибн Мунаббаҳ: «Мен 91та китобни ўқиб чиқдим ва уларнинг ҳаммасида ҳам дунёнинг аввалидан охиригача, бутун махлуқотнинг ақли тўплансаю, Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад (а.с.)нинг ақллари ёнига қўйилса, ҳаммасининг ақли Пайғамбаримиз ақллари олдида худди саҳро қум тепалари олдидаги бир дона қушга ўхшаб қолар экан», деганлар.

Qayd etilgan


Hanafiy  10 Mart 2008, 06:45:59

35-Масала
Аллоҳ таоло махлуқотни яратишдан аввал-ҳам Холиқ эди


Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ҳоли ҳеч вақт ўзгармас, У доимо Холиқдир. Чунки Аллоҳ таолонинг улуҳияти азалийдир. Яратгувчи бўлган Аллоҳнинг бутун сифатлари ҳеч нарсани яратмай туриб ҳам бор бўлган. Оламни яратгандан кейин Яратгувчи-Холиқ номини олган эмас. Буни инкор этиш инсонни куфрга олиб боради. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўзининг Холиқлигини Ҳижр сурасининг 86-оятида:

إِنَّ رَبَّكَ هُوَ الْخَلاَّقُ الْعَلِيمُ

«Албатта, Парвардигорингизнинг Ўзигина Яратгувчи, Билгувчидир», деб сифатлаган. Раъд сурасининг 16-оятида эса:

قُلِ اللّهُ خَالِقُ كُلِّ شَيْءٍ وَهُوَ الْوَاحِدُ الْقَهَّارُ

«Айтинг, эй ҳабибим: Аллоҳ барча нарсаларнинг Яратувчисидир ва У танҳо ғолибдир», деб сифатлаганидек, имон келтирамиз.

Qayd etilgan


Hanafiy  10 Mart 2008, 06:46:15

36-Масала
Аллоҳ таоло ўз Зоти билан Олим ва Қодирдир


Холиқи зул-жалолнинг халқни яратиши азалий бўлиши билан бирга илми ва қудрати ҳам азалийдир. Ҳақиқий олим ҳам, ҳақиқий қодир Аллоҳнинг Ўзидир.

Мулк сурасининг 1-оятида Аллоҳ жалла аъло ўзининг ҳамма нарсага қодир эканлигини билдириб:

تَبَارَكَ الَّذِي بِيَدِهِ الْمُلْكُ وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ

«(Барча оламлар) мулки-подшоҳлиги Ўз қўлида бўлган Зот-Аллоҳ баракатли-буюкдир. Ва У ҳар нарсага қодирдир», деган бўлса, Раъд сурасининг 9-оятида:

عَالِمُ الْغَيْبِ وَالشَّهَادَةِ الْكَبِيرُ الْمُتَعَالِ

«У махфий ва ошкора бўлган барча нарсани билгувчи буюк ва юксак Зотдир», деб ўзининг олими беқиёслигини билдиради.
Аллоҳ азза ва жалла Ўзининг олиму қодирлигига ишора қилиб, Мулк сурасининг 3-4-оятларида:

الَّذِي خَلَقَ سَبْعَ سَمَاوَاتٍ طِبَاقًا مَّا تَرَى فِي خَلْقِ الرَّحْمَنِ مِن تَفَاوُتٍ فَارْجِعِ الْبَصَرَ هَلْ تَرَى مِن فُطُور.(ٍ) ثُمَّ ارْجِعِ الْبَصَرَ كَرَّتَيْنِ يَنقَلِبْ إِلَيْكَ الْبَصَرُ خَاسِأً وَهُوَ حَسِيرٌ.()

«(У) етти осмонни устма-уст қилиб яратган зотдирки, сиз у Раҳмоннинг (меҳрибон Зотнинг) яратишида бирор тафовут-нуқсонни кўрмайсиз. Энди кўзингизни яна самога қайтаринг-чи, (унда) бирор ёриқни (дарз кетганликни) кўрармикансиз? Сўнгра кўзингизни қайта-қайта самога қаратинг, кўзингиз сизга (осмонлардан бирор айб топа олмасдан) хор ва толиққан ҳолда қайтур», деб олиму қодирлигидан бепоён осмонларни бенуқсон қилиб яратганлигини эслатади.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг олиму қодирлигига Қуръони каримда оятлар ниҳоятда кўп бўлса ҳам, оқилга ишора кифоя бўлганлиги учун шу озгинаси билан қаноатландик.

Инсон ўйлаб кўрсин, тафаккур қилсин, деб ҳеч бир жонзотга бермаган ақлини одамга берди. Аканг инсон деб, гердайиб юравермасдан, хотирини жамлаб, еру осмонларнинг тузилишига, шулар оралиғидаги ойу қуёшларнинг интизом билан сайр қилишига боқиб, тафаккур юритса, Аллоҳ зул-жалолнинг олиму қодир Зот эканлигига тан бермасдан иложи йўқ.

Биргина Қуёшни олинг. Шунча буюклиги ва ҳаракатининг юқори бўлиши билан сўзсиз Холиқнинг амрига итоат қилиб, белгилаб қўйган йўлидан оғишмай сайр қилади.

Фалак бўйлаб қиладиган сайрида бир сантиметр нари ҳам, бери ҳам силжимайди. Шунингдек, ойни ҳам ҳилолдан бошланиб, ҳар куни бир шакл олиб, ўн беш кунда тўлиқ бўлиши, яна секин-секин кичрайиб, эгилган новдага ўхшаб қолиши Аллоҳнинг олиму қодир Зотлигига далил эмасми?

Илми бўлмаса, қудрати бўлмаса, шундоқ ижодни қила олармиди?

Олимлиги, қодирлиги, комиллигидан шундай буюк оламни яратдики, бу буюк олам ўзидан ҳам хилқат жиҳатидан буюкроқ бўлган одамзотга хизмат қилади.

Буюклигини тушунган инсон ўз қадрини билиши ва ўзи учун яратилган нарсаларга қул бўлиб қолмасдан, яратган эгасига беадад шукрлар қилиб, унинг топшириқларини бажариши лозимдир.

Qayd etilgan


Hanafiy  10 Mart 2008, 06:46:39

37-Масала
Дунёдаги инсонлар беш хил бўлиши ҳақида


1.   Аллоҳни якка-ю ягона деб билиб, унинг амрларига сўзсиз итоат қилувчи мўъминлар;
2.   Гуноҳ қилиб қўйиб, гуноҳларига тавба қиладиган мусулмонлар;
3.   Мусулмонлик даъвосида бўлиб, гуноҳдан қайтмайдиган, тавба ҳам қилмайдиган кимсалар;
4.   Мунофиқлар (кўриниши, сирти мусулмон, аммо ичи ва қалби билан кофирлар);
5.   Мушриклар. Аллоҳнинг ёлғизлигини инкор қилиб, унинг хотини, ўғли, шериги бор, деб эътиқод қилувчилар.

Мушриклик энг катта гуноҳлардан бўлиб, Аллоҳ таоло уни кечирмаслигини Нисо сурасининг 48-оятида хабарини бериб:

إِنَّ اللّهَ لاَ يَغْفِرُ أَن يُشْرَكَ بِهِ وَيَغْفِرُ مَا دُونَ ذَلِكَ لِمَن يَشَاء وَمَن يُشْرِكْ بِاللّهِ فَقَدِ افْتَرَى إِثْمًا عَظِيمًا

«Аллоҳ таоло Ўзига (бирор нарсанинг) шерик қилинишини кечирмас. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган бандаларидан кечирур. Ким Аллоҳга ширк келтирса, демак, у улкан гуноҳни тўқиб чиқарибди», дейди.

Мунофиқун сурасининг 1-оятида:

وَاللَّهُ يَشْهَدُ إِنَّ الْمُنَافِقِينَ لَكَاذِبُونَ

«Аллоҳ мунофиқларнинг ҳақиқатдан ёлғончи эканликларига гувоҳлик берур», деган бўлса, Нисо сурасининг 142-оятида:

إِنَّ الْمُنَافِقِينَ يُخَادِعُونَ اللّهَ وَهُوَ خَادِعُهُمْ وَإِذَا قَامُواْ إِلَى الصَّلاَةِ قَامُواْ كُسَالَى يُرَآؤُونَ النَّاسَ وَلاَ يَذْكُرُونَ اللّهَ إِلاَّ قَلِيلاً

«Дарҳақиқат, мунофиқлар Аллоҳни алдамоқчи бўладилар. Ҳолбуки, Аллоҳ уларни «алдаб қўйгувчидир». Намозга турсалар ҳам дангасалик билан одамлар кўрсинга турадилар ва Аллоҳни жуда кам эсга оладилар», деб улар ҳақиқий мусулмон эмас, балким шайтонсифат кишилар эканлигини билдиради. Шу суранинг 145-оятида эса:

إِنَّ الْمُنَافِقِينَ فِي الدَّرْكِ الأَسْفَلِ مِنَ النَّارِ وَلَن تَجِدَ لَهُمْ نَصِيرًا

«Албатта, мунофиқлар дўзахнинг энг тубида бўлурлар. Уларга бирор ёрдамчи топилмас», деб мунофиқларнинг жойлари ҳатто дўзахнинг ўзи ҳам ҳазар қиладиган тубан жойида эканлигини билдиради. Бу икки тоифа, яъни мушриклар ва мунофиқлар абадий жаҳаннамий бўлишга ҳақлидирларки, улар ҳақида ана шу суранинг 140-оятида:

جَامِعُ الْمُنَافِقِينَ وَالْكَافِرِينَ فِي جَهَنَّمَ جَمِيعًا

«Албатта, Аллоҳ барча кофирлар ва мунофиқларни жаҳаннамга жам қилувчидир», деб уларнинг ҳукмини қатъий қилиб қўйгандир.
Аллоҳдан қўрқиб, топшириқларини бажариб, наҳийларидан тийилган муттақий бандалар жаннатга киришлари Ҳижр сурасининг 45-46-оятларида:

إِنَّ الْمُتَّقِينَ فِي جَنَّاتٍ وَعُيُونٍ.() ادْخُلُوهَا بِسَلاَمٍ آمِنِينَ.()

«Тақводорлар эса, албатта боғлар ва чашмалардадирлар. У ерга тинчлик билан соғ-омон киринглар», дейилур. Бақара сурасининг 82-оятида:

وَالَّذِينَ آمَنُواْ وَعَمِلُواْ الصَّالِحَاتِ أُولَـئِكَ أَصْحَابُ الْجَنَّةِ هُمْ فِيهَا خَالِدُونَ

«Имон келтириб, солиҳ амаллар қилганлар эса, айнан улар жаннат аҳлидирлар ва улар у ерда абадий қолувчилардир», деб хабар берилган бўлса, билмасдан гуноҳ қилиб, тезлик билан қилган гуноҳларига пушаймон бўлиб, тавба қилган бандалар ҳам Аллоҳнинг марҳаматига эришиб, жаннатга киришлари эса Наҳл сурасининг 119-оятида:

ثُمَّ إِنَّ رَبَّكَ لِلَّذِينَ عَمِلُواْ السُّوءَ بِجَهَالَةٍ ثُمَّ تَابُواْ مِن بَعْدِ ذَلِكَ وَأَصْلَحُواْ إِنَّ رَبَّكَ مِن بَعْدِهَا لَغَفُورٌ رَّحِيمٌ

«Сўнгра, (билингки), албатта, Раббингиз, билмаган ҳолда гуноҳ қилиб қўйиб, кейин тавба қилган ва ўзларини тузатган кишилар учун шубҳасиз, ўша (тавбалари)дан сўнг, Раббингиз кечиримли ва раҳмлидир». Ва Аъроф сурасининг 153-оятида:

وَالَّذِينَ عَمِلُواْ السَّيِّئَاتِ ثُمَّ تَابُواْ مِن بَعْدِهَا وَآمَنُواْ إِنَّ رَبَّكَ مِن بَعْدِهَا لَغَفُورٌ رَّحِيمٌ

«Гуноҳларни қилиб, сўнгра улардан кейин тавба қилган ва имон келтирган кишилар учун, шулардан кейин (ҳам) Раббингиз кечиримли ва раҳмлидир», деб зикр қилинган.
 
Имом ибн Можжа ва Имом Табаронийлар Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.):

 التائب من الذنب كمن لا ذنب له

«Гуноҳидан тавба қилувчи, гўёки гуноҳи йўқ кишидекдир», деб тавба қилувчи кишилар ҳам гуноҳсизлар қаторида жаннатга киришларини марҳамат қилганлар.

Бу икки тоифа мусулмонларнинг жаннатга киришлари ҳақлиги тўғрисида ниҳоятда кўп ояту ҳадислар бўлса-да, биз юқоридаги икки ояту бир ҳадис билан кифояландик.

Энди, бешинчи хил инсонлар борки, улар мусулмончиликни даъво қилиб, гуноҳдан қайтмайдиган, тавба ҳам қилмайдиган кимсалардир. Бундайлар тўғрисида Нисо сурасининг 18-оятида:

وَلَيْسَتِ التَّوْبَةُ لِلَّذِينَ يَعْمَلُونَ السَّيِّئَاتِ حَتَّى إِذَا حَضَرَ أَحَدَهُمُ الْمَوْتُ قَالَ إِنِّي تُبْتُ الآنَ وَلاَ الَّذِينَ يَمُوتُونَ وَهُمْ كُفَّارٌ أُوْلَـئِكَ أَعْتَدْنَا لَهُمْ عَذَابًا أَلِيمًا

«Гуноҳ ишларни қилиб юриб, қачонки, бирорталарига ўлим келганида, «Энди тавба қилдим», дейдиган, шунингдек, кофирлигича ўлиб кетадиганларнинг тавбалари эса қабул қилинмагай. Ана ўшалар учун аламли азоб тайёрлаб қўйганмиз», деб улар жаннатдан бенасиб эканликларининг хабари берилган.

Qayd etilgan