Muhammad Zohid Qo'tqu. Ahli sunnat val-jamoat aqoidi  ( 151374 marta o'qilgan) Chop etish

1 2 3 4 5 6 ... 21 B


Hanafiy  09 Mart 2008, 07:00:17

МУҲАММАД ЗОҲИД ҚЎТҚУ ИБН ИБРОҲИМ АЛ-БУРСАВИЙ

АҲЛИ СУННАТ
ВАЛ-ЖАМОАТ
АҚОИДИ


Ушбу китоб ҳар бир хонадон учун, ҳар бир мўъмин-мусулмон учун зарур бўлган манбаъдир. Чунки унда диннинг тамали, пойдевори иймон-эътиқод масалалари, аҳли суннат вал-жамоат ақоидининг асослари баён этилган.

Муаллиф: Муҳаммад Зоҳид Қўтқу ибн Иброҳим ал-БУРСАВИЙ
Мутаржим: Мирзо КЕНЖАБЕК
Масъул муҳаррир: Шайх Абдулазиз МАНСУР

Qayd etilgan


Hanafiy  09 Mart 2008, 07:00:27

СОФ ИСЛОМИЙ АҚИДА

بسم الله الرحمن الرحيم

Ақида илми
 
إن الحمد الله،  نحمده،  و نستعينه،  و نستغفره،  و نؤمن به،  و نتوكل  عليه،  و نعوذ بالله  من  شرور أنفسنا و من  سيئات  أعمالنا،  من يهد  الله  فلا  مضل  له،  و من يضلل  فلا  هادي  له،  و أشهد  أن  لا اله  إلا  ال له وحد  لا  شريك  له،  ،  و أشهد  أن  محمدا  عبده  و رسوله،  صلى  الله  عليه  و  على  أله  و  أصحابه  أجمعين. أما  بعد:

Аллоҳга ҳамдлар ва мақтовлар бўлсин. Ундан ёрдам ва гуноҳларимизни кечиришини сўраймиз. Унга имон келтирамиз ва унга таваккал қиламиз. Нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан Аллоҳдан паноҳ тилаймиз. Аллоҳ кимни ҳидоят қилса, уни ҳеч ким адаштира олмас ва Ул зот адаштириб қўйган кишини бирор кимса ҳидоят қила олмас. Аллоҳ таоло ўзи яккаю ягона, шериги йўқ эканлиги ва Муҳаммад (с.а.в) Ул зотнинг қули ва элчиси эканлигига гувоҳлик бераман. Аллоҳ таоло ул кишига, унинг оила аъзолари ва барча саҳобаларига раҳмат юборсин.

Аммо баъд:
Сўзларнинг энг тўғриси Аллоҳнинг сўзи ва йўлларнинг энг яхшиси Муҳаммад (с.а.в) йўлларидир. Ишларнинг энг ёмони динда пайдо бўлган янгиликлардир. Ҳар бир пайдо қилинган янгилик бидъат, ҳар бир бидъат залолат-адашиш ва ҳар бир залолат дўзахдадир.

Qayd etilgan


Hanafiy  09 Mart 2008, 07:01:27

Ақида илми ислом динининг асосини ташкил этади. У тўғри бўлмаса, қилинган ибодатлар Аллоҳ даргоҳида ижобат бўлмайди. Ақида гўёки дарахтнинг танаси, бошқа ибодатлар эса, унинг шохларидир. Бошқача қилиб айтганда, ақида илми иморатнинг пойдевори кабидир. Асос бўлмаса ёки у бўш бўлса, иморат қулаб тушганидек, ақида тўғри бўлмаса, қилинган ибодатлар қабул қилинмайди.
Сўфи Аллоҳёр  ҳазратлари:

         Ақида билмаган шайтона элдур,
         Агар минг йил амал деб қилса, елдир!

деб ақидага аниқ ва тўғри баҳо берганлар.

Шу сабабли ҳам жанобимиз Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам йигирма уч йиллик пайғамбарлик даврининг аввалги ўн уч йилини ақидани тўғри талқин қилишга бағишладилар. Чунки ақида орқали мусулмонларнинг қалбларига Аллоҳ таолонинг зот ва сифатлари, тавҳид, дунё ва охират тўғрисидаги исломий ғоялар, тақдир масаласи, гуноҳ, савоб, жаннат, дўзах, фаришталар, илоҳий китоблар ва пайғамбарларга нисбатан қандай муносабатда бўлиш қоидалари, одоблари ўрнашгачгина, пайғамбарликнинг кейинги ўн йилида намоз, рўза, закот, ҳаж ва бошқа ибодатлар фарз қилинган. Пайғамбаримизга замондош бўлиш шарафига муяссар бўлган саҳобаи киромлар илоҳий қонун ҳисобланган Қуръони каримнинг йўл-йўриқларига оғишмай амал қилиб, икки дунё саодатига, Аллоҳнинг розилигига эришдилар.

Асри саодатда, ҳазрати пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳамда саҳобаи киромлар даврида ҳеч қандай мазҳаб бўлмаган, унга ҳожат ҳам йўқ эди. Чунки, у вақтда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳамда саҳобаи киромлар бор эдилар. Ҳар қандай масалада иккиланиш ёки шубҳа пайдо бўлса, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўраб ва дарҳол тўғри жавобни олардилар. Аммо, у зотдан кейин қисқа муддат ичида улкан футухотлар рўй бериб, ислом дунёси кенгайди, шаръий масалаларда ихтилофлар юзага чиқа бошлади. Исломни ичидан емирмоқчи бўлган мажусий, мўсавий, исавий ва зардўштийлар мусулмонларнинг фикрларини чалғитиш, чалкаштириш учун шайтоний тарғиботлар юргизар эди. Масалан, Мавороуннаҳрда зардўштийлардан Муқанна номи билан ташкил этилган фирқа ҳар қандай шахсий мулкни, никоҳни бекор қилди, ислом динида ҳаром этилган нарсаларни ҳалол ва аксинча, барча ҳалол нарсаларни ҳаром, деб эълон қилди. Тарихда мисли кўрилмаган расвогарчиликларга йўл очилди. Жумладан, Муқаннанинг фармонига кўра, унинг аскарлари ўзлари хоҳлаган хонадоннинг аҳли аёлига эгалик қила оларди. Уй соҳиби эса аскар харом-хариш ишини бажариб кетгунига қадар ташқарида кутиб туришга мажбур эди. Агар орияти устун келиб, қаршилик кўрсатса, бешафқатлик билан ўлимга маҳкум этиларди. Муқанна ўзини худо деб эълон қилди ва халқни ўз шахсига сиғинишга мажбур этди.

Qayd etilgan


Hanafiy  09 Mart 2008, 07:02:54

Ислом динининг ашаддий душмани бўлган собиқ шўролар ўзларининг "коммунизм"  ғоясини айнан Муқанна таълимотидан олган ва тарихидан яхши хабардор бўлмаганига уни миллий қаҳрамон қилиб кўрсатишди. Ҳозир ҳам айримлар ислом динининг ашаддий душмани бўлган Муқаннани миллий қаҳрамон деб ўйлашади.

Исавийлар эса Қуръони каримнинг لاَ إِكْرَاهَ فِي الدِّينِ"   
«Динда мажбур қилиш йўқ» (Бақара, 256) деган ғоясидан фойдаланиб, (мусулмонлар христианларни ислом динига киришга зўрлаган эмаслар), Андалусия халифалигига қарши хоч таққанларнинг салб урушини эълон қилган. Бу ҳам динимиз душманлари исломни йўқ қилишга кўп ҳаракат қилганлигини кўрсатади. Бундай ақидавий қарама-қаршилик ҳанузгача давом этиб келмоқда.
   
Ўша даврда қараматий, қадарий, жаҳамий, жабарий, хорижий ва мўътазилийлар каби бидъатчи фирқалар пайдо бўлган ва улар ўртасидаги ақидавий тортишувлар қонли можароларга олиб келган. Ислом оламида ақида борасида аҳвол танг эди. Уламолар ўртасида авж олаётган баҳсу мунозаралар суннат аҳли имонини сусайтира бошлади. Ана шундай бир вазиятда, "Аҳли суннат вал жамоат" ақидаларини бир-бирига зид бўлган хилма-хил бидъатчи фирқалардан мухофаза қилиш мақсадида Калом илми вужудга келди. Уммавий халифаларидан (717-720 йилларда) Умар ибн Абдулазиз, Зайнулобидин, Ҳасани Басрий ва Имом Аъзам (раҳима ҳумуллоҳ)лар Калом илмининг дастлабки раҳнамолари ҳисобланганлар. Имом Аъзам биринчилардан бўлиб, ақида илмида "Ал-Фиқҳул-акбар" (Улуғ фиқҳ) китобларини ёздилар. У пайтда ақида (калом) илми фиқҳ илмидан ажралмаган эди.

Qayd etilgan


Hanafiy  09 Mart 2008, 07:03:18

Ботил ақидали бидъатчи фирқалар кўпайгач, калом илми (ислом фалсафаси) фиқҳ илмидан ажралиб чиқиб, тафсир ва ҳадис илмлари каби асосий илмлардан бирига айланди. Бу илмнинг асосчи  самарқандлик Ҳазрати Имом Абу Мансур ал-Мотуридий ва ироқлик Ҳазрати Имом Абул Ҳасан ал-Ашъарий ислом оламининг осмонида ёрқин юлдузлар каби порладилар. Калом илми билан биргаликда ҳадис ва фиқҳ илми равнақига улкан ҳисса қўшган аллома Абу Мансур ал-Мотурудий ҳанафий мазҳаби фиқҳини мукаммал ўрганиб, ўз ақидавий таълимотларида унинг "Ал-Фиқҳул-акбар" (Улуғ фиқҳ) китобига асосландилар. Имом Мотуридий яшаган даврда ислом оламида эътиқод масаласида бир-бирига қарама-қарши фирқалар ўртасида мунозаралар кучайиб, у баъзан қонли можаролар билан якунланар эди. Ана шундай зиддиятли даврда Имом Мотуридий ҳазратлари қиличлар ҳал қила олмаган, мусулмонларни тарқоқликка олиб бораётган эътиқодий оқимларга қарши ўз ақлу заковатлари, ояту ҳадислардан олинган, ҳар қандай ақлни таслим қиладиган далиллар асосида ўта муҳим муаммоларни ҳал этдилар. Ислом ақоидини парокандалик ва эътиқодий бузуқликлардан сақлаб қолгани учун "Мусаҳҳиҳу ақидатил-муслимин", яъни "Мусулмонлар эътиқодини тузатувчи" ва "Аъламул ҳудо", яъни "Ҳидоят йўлини, ҳақ йўлни билувчи зот" унвонларига мушарраф бўлдилар.

Qayd etilgan


Hanafiy  09 Mart 2008, 07:03:34

Калом илмининг зарурлиги

Аввало калом илми моҳиятини, мағзини чақиб кўрайлик. Калом илми мусулмонларни ҳар хил ботил эътиқодлардан асраб, уларнинг бирлиги, иттифоқлигини таъминлайди. Каломнинг луғавий маъноси сўз, гап, нутқ, баён, тил, лаҳжани билдиради. Масалан, Каломуллоҳ дейилганда, Аллоҳнинг сўзи, Қуръону карим тушунилади.

   Истилоҳ жиҳатидан эса калом - бу Қуръону ҳадислардан иборат бўлган нақлий далиллар билан бирга, ақлий далилларни ҳам англатадиган, фалсафий йўл билан соф исломий эътиқодни исботлайдиган, ҳеч қандай шубҳаларга ўрин қолдирмайдиган эътиқод илми ҳақидаги фандир. Эътиқод эса қалбдан ислом динига имон келтириш-ишонилиши шарт бўлган зарурий диний тушунчадир.
Эътиқод барча илоҳий динларнинг тамалини, асосини ташкил этади, чунки у замонлар ўтиши билан ўзгариши мумкин бўлган ҳукмларга ўхшамайди. Балки, у Одам алайҳиссаломдан бошланиб, қиёматгача ўзгармай турадиган тушунчадир. Шунинг учун ҳам унга амал қилиб келаётган катта оқим "Аҳли суннат ва жамоат" деб номланган. Бу жамоа аъзолари суннийлик эътиқодидаги ҳанафийлик, шофеъийлик, моликийлик ва ҳанбалийлик мазҳабларини ҳақ деб билади. Улар Ақоид илмининг икки буюк имомлари Имом Абу Мансур Мотуридий ва Имом Абул Ҳасан Ашъарий асос солган ақидавий таълимотларга амал қилади. Ҳозирги пайтда дунёдаги барча мусулмонларнинг учдан икки қисми Мотуридий ақидасига, бир қисми Имом Ашъарий ақидасига амал қилади. Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам "Умматим 73 фирқага бўлинади, биттасидан ташқари барча фирқалар дўзахга киради", деганлар. Шунда саҳобаи киромлар: Ё Расулуллоҳ, нажот топадиган бу фирқаи ножия қайсидир!-деб сўрашганида, Пайғамбаримиз Муҳаммад  салаллоҳу алайҳи ва саллам: "Улар менинг ва саҳобаларимнинг йўлини тутганлар", деб жавоб бердилар. Пайғамбаримиз хабар қилганларидек, ислом уммати тезда 73 фирқага бўлиниб кетди. Уламои киромлар мусулмонларни ботил, гумроҳ, бидъатчи фирқалардан асраш мақсадида уларга пайғамбаримиз хабар қилган ножия фирқа эътиқоди қандайлигини тушунтирдилар.  Пайғамбаримиз ва саҳобаи киромларнинг эътиқод ва амаллари Қуръони карим, ҳадис таълимотларига мос эканини исботлаб, соф исломий ақидани вужудга келтирдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўргатганларидек - ақидага эга бўлганларни ножия, яъни, аҳли суннат валжамоат деб ижмоъ (иттифоқ) қилдилар.

Qayd etilgan


Hanafiy  09 Mart 2008, 07:04:13

Фикримизча, Пайғамбаримизнинг "Улар менинг ва саҳобаларимнинг йўлини тутганлар", деб марҳамат қилган кишилари сирасига салафи солиҳинлар, Ашъарийлар ва Мотуридийлар ҳам кирсалар ажаб эмас. Маълумки, шариат аҳкомлари тўрт манба: Қуръон, ҳадис, ижмоъ ва қиёсдан олинади. Демак, ижмоъга қарши чиқиш, Қуръону ҳадисларга қарши чиқиш билан тенг эканлигини унутмаслигимиз керак.

Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 115-оятида:

وَمَن يُشَاقِقِ الرَّسُولَ مِن بَعْدِ مَا تَبَيَّنَ لَهُ الْهُدَى وَيَتَّبِعْ غَيْرَ سَبِيلِ الْمُؤْمِنِينَ نُوَلِّهِ مَا تَوَلَّى وَنُصْلِهِ جَهَنَّمَ  وَسَاءتْ مَصِيرًا.

«Кимда-ким ҳидоят унга аниқ бўлгандан кейин Пайғамбарга мухолифлик қилса, мўъминлар йўлидан ўзгасига эргашса, Биз уни ўзи кетаётган йўлига қўйиб берамиз ва (охиратда) уни жаҳаннамда тоблаймиз. Нақадар нохуш жой у!», деган. 
 
Имом Шофиъий раҳимаҳуллоҳдан Қуръондан ижмоъул умматга далил кўрсатинг, дейишганда, у киши бунга "Мўъминлар йўлидан ўзгасига эргашса" ояти каримаси далил бўлишини айтдилар. Буни тушуниш учун инсонда ақл билан бирга фаҳм ҳам бўлиши керак. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам "Парвардигоро! Менга илмни зиёда қилиш билан бирга фаҳм ҳам бер", деб дуо қилишимизни буюрганлар. Илми бўлгани билан фаҳм-ҳикмат берилмаса бундан ёмони йўқ, чунки Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 269-оятида:

يُؤتِي الْحِكْمَةَ مَن يَشَاء وَمَن يُؤْتَ الْحِكْمَةَ فَقَدْ أُوتِيَ خَيْرًا كَثِيرًا وَمَا يَذَّكَّرُ إِلاَّ أُوْلُواْ الأَلْبَابِ .

«У ўзи хоҳлаган кишиларга ҳикмат (фойдали илм) беради. Кимга ҳикмат берилган бўлса, демак, унга кўп яхшилик берилибди. Бундан фақат оқил кишиларгина эслатма олурлар», деб марҳамат қилган.

Qayd etilgan


Hanafiy  09 Mart 2008, 07:04:25

Демак фаҳм-ҳикмат шундай улуғ нарса эканки, инсон у орқали Қуръон, ҳадис илмларини билиб, ундан тўғри ҳукм чиқара билиш ҳамда ҳар бир оят ва ҳадиснинг моҳиятига тушуна олиш қобилиятига эга бўлади. Аллоҳ ўзининг улуғ неъмати бўлган ҳикматини ҳаммага эмас, балки фақат ўзи хоҳлаган, ўзи севган бандаларига беради. Ҳикмат боши, манбаи, тамали, асоси Аллоҳдан қўрқувдир. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
 
رأس الحكمة مخافة الله

«Ҳикмат боши Аллоҳдан қўрқувдир», деганлар. Қалбида Аллоҳдан қўрқуви бўлиб, ҳикмат эгаси бўлган киши ҳеч қачон Ислом дунёси уламолари "Ножия фирқаси", деб ижмоъ қилган, аҳли суннат вал жамоатга қарши чиқиб, янги фирқалар тузмайди, бошқа фирқаларга эргашмайди. Зеро Имом Термизий ибн Умардан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: 

إن الله لا يجمع أمتي على ضلالة و يدا الله على الجماعة و من شذ شذ في النار

«Аллоҳ таоло менинг умматимни залолатга жамламайди. Аллоҳнинг қудрат қўли жамоатдадир. Кимки жамоатдан ажралса, мусулмонлар жамоасидан ажралиб жаҳаннамга киради», деганлар.

Ислом тарихида қанчадан-қанча мазҳаблар, фирқалар чиққан бўлса-да, уламолар уларнинг йўллари тўғрилигига ижмоъ қилмаганлигидан, тезда йўқолиб кетишди. Аҳли ножия деб эълон қилинган аҳли суннат вал жамоат ҳақ бўлганлиги сабабли 14 асрдан бери яшаб келмоқда.

Qayd etilgan


Hanafiy  09 Mart 2008, 07:05:09

Ҳикмат соҳиби бўлган фаросатли, аҳли фаҳм, "Мен юрган йўл нотўғри бўлиб қолса, Аллоҳнинг ҳузурига борганда нима қиламан?", деб қўрқади. Фақатгина илмнинг ўзи кифоя қилганда эди, Азозил тўғри йўлдан адашмаган бўлар эди. У олим бўлса ҳам, ҳикматдан бехабар бўлгани оқибатида Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломнинг ҳикматини била олмасдан тўғри йўлдан озиб, шайтонир ражиймга айланди.
Афсуски, тақвосизлигидан ҳикмат илми берилмаган кимсалар ўзларини олиму доно фаҳмлаб, "Шу йўлим тўғри" деб, турли-туман фирқалар ташкил қилмоқда. Уларга фаросат ва ҳикмат илми берилганида эди, исломнинг моҳиятидан хабардор бўлиб, асло фирқаларга бўлинмас эди. Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасининг 103-оятида

وَاعْتَصِمُواْ بِحَبْلِ اللّهِ جَمِيعًا وَلاَ تَفَرَّقُوا

«Ҳаммангиз Аллоҳнинг "Арқони" (Қуръонни) маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг», деб мусулмонларни фирқаларга, гуруҳларга бўлинишдан қайтарган. Яна шу суранинг 105-оятида:

و َلاَ  تَكُونُواْ  كَالَّذِينَ  تَفَرَّقُواْ  و َاخْتَلَفُواْ  مِن  بَعْدِ  مَا  جَاءهُمُ  الْبَيِّنَاتُ  و َأُوْلَـئِكَ  لَهُمْ  عَذَابٌ عَظِيمٌ

«Ҳужжатлар келгандан кейин ҳам бўлиниб, ўзаро ихтилофларга берилган кимсаларга ўхшамангиз! Ана ўшаларга энг оғир азоб бордир», деган. Тақвосизлар ояту ҳадисларни юзаки, уларнинг фақат зоҳирий маъноларини тушунадилар. Уларнинг асл моҳиятидан, аслий ботиний маъносидан хабарлари йўқ.

Qayd etilgan


Hanafiy  09 Mart 2008, 07:05:24

Масалан, Имом Бухорий Абу Ҳурайрадан ривоят қилган:

ما اسفل من الكعبين من الازار في النار

яъни, "Лозими (иштони, шими) икки тўпиқдан пастга тушиб турган киши жаҳаннамийдир", ҳадисини ўзларига ҳужжат қилиб, шими узун бўлганлар дўзахга тушади, деб намозда ҳам, кўчада ҳам шимни қайтариб юришга буюрадилар. Бу қилиқлари билан ўзларининг чаласавод эканликларини намойиш этадилар. Уларнинг калтафаҳм, чала мулла эканликларини Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Ибн Умардан ривоят қилган ҳадис ҳам исботлайди:

   من جر ثوبه خيلاء لم ينظرالله إليه يوم القيامة   

яъни, "Кимки кибрланган ҳолда кийимини судраб юрса, қиёмат кунида Аллоҳ унга қарамайди", деганлар. Чунки кибрланувчи, мутакаббирни Аллоҳ ҳидоят қилмайди, охиратда унга раҳму шафқат этмайди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шу ҳадисни айтганларида Абу Бакр : "Ё Расулуллоҳ, менинг лозимим тўпиғимдан пастга тушиб туради, бундан кейин уни тўпиғимдан юқори қилиб юришим керак эканда", деганларида расулуллоҳ: "Йўқ, сен уни кибрланиш учун бундай қилмайсанку", деганлар. Шу ҳадисдан ҳамма нарса ниятга боғлиқлиги маълум бўлади.

Имом Аҳмад, Насоий ва ибн Можжалар ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам "Енглар, ичинглар, садақа қилинглар, кийинглар, фақат исроф ва кибрланиш аралашмаса бўлгани", деганлар. Демак, юқоридаги ҳадислардан маълум бўлмоқдаки, либосини кўз-кўз қилиб, изорини узун қилиб, осилтириб киядиганлар, кийими ё моли, ё мансаби билан фахрланиб юрадиган кишилар мутакаббирлар экан. Ҳадислар мана шундай кибрланувчи, ўзини бошқалардан устун тутувчи кишиларга нисбатан айтилган. Лекин, холис, ниятида кибрланиш бўлмаса узун кийинишнинг бирор зиёни йўқлигини Расулуллоҳнинг ўзлари баён қилганлар. Қолаверса, у замонларда қилинган укм ёки айтилган ҳар бир фикрнинг ҳаммасини ҳам ҳозирги даврга тадбиқ этиб бўлмайди. Зеро, ҳозир ҳеч ким кийимининг узунлиги билан фахрланмайди. Аксинча, шими тўпиғидан юқори бўлса, ҳамма унинг устидан кулади. Шимини тўпиғидан тушуриб юриш эндиликда оддий ҳол, урфга айланган.

Qayd etilgan