Имом Бухорий ривоят қилган ҳадиси қудсийда:
من عادى لي وليا فقد آذنته بالحرب
«Кимда-ким менинг валий (яқин) бандамга душманлик қилса, албатта мен унга уруш эълон қиламан", деб пайғамбаримиз ундай калтафаҳмларни ўзининг душмани эканлигини аниқ ва равшан айтган. Албатта, улар ҳақиқий илмга эга бўлганларида эди, бундай ғайриинсоний ҳаракатларга қўл урмаган бўларди. Биз намуна учун уларнинг фаросат ва ҳикмат илмидан узоқ эканликларини исботловчи биргина мисол келтирдик, холос. Зеро, ундай кимсаларнинг чаласаводликларию эътиқодларининг қусурли эканлиги ҳақида кўплаб далиллар келтириш мумкин. Иншоаллоҳ, мавриди келганда бу мавзуга кенгроқ тўхталамиз.
Хулафои рошидинлардан ҳазрат Умар, ҳазрат Усмон ва ҳазрат Алиларни ўлдирганлар ҳам Қуръон ўқишарди, аммо Қуръони карим оятларининг асл моҳиятини чуқур тушуна олмасалар ҳам, ўзларини билағон, доно фаҳмлаб, калта фикрларини тўғри деб билишарди. Уларнинг меросхўрлари бўлган ҳозирги гумроҳ фирқалар ҳам жоҳилиятда айнан ўшалардан қолишмайди. Шунинг учун “Биз аҳли қуръонмиз, фақат Қуръону ҳадис билан юрамиз», деб мусулмонларни тафриқага, изтиробга олиб борувчилар ислом ақидасининг мусаффолиги учун жонини фидо қилган уламоларнинг фикрларини менсимай, ҳисоб-китоб қилмай, сўзсиз ҳақиқатдан адашганлардир. Исломда мужтаҳидлик даражасига етган қанчадан-қанча улуғ олимлар ўтган бўлса-да, улар ўзларича янги фирқа ташкил қилмасдан аҳли суннат валжамоат мазҳабларидан бирида туриб дин равнақи, мусулмонлар иттифоқлиги йўлида саъй ҳаракатда бўлишган. Зеро, мусулмонлар иттифоқлиги ҳамма нарсадан устун туради. Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам тўғри амалда, тўғри йўлда туриб мусулмонлар ҳолини риоя қилмаган улуғ саҳобалардан бирини огоҳлантириб танбеҳ берганлар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари
من فقه الرجل ان يطيل الصلوة يقصر الخطبة
“Намозни узайтириб, хутбани қисқартириш кишининг фақиҳлигидандир”, деганлар. Саҳоба Жобир ибн Абдуллоҳ бомдод намозининг зам сурасини узун қилганларида, бир чўпон йигит жамоатдан ажралиб, ўзи ёлғиз ўқиб, чиқиб кетган. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундан хабар топиб, чўпонни чақиртириб, нима сабабдан жамоатдан ажралиб ёлғиз ўқиганини сўраганларида у, “Ё Расулуллоҳ! Мадинада йиртқичлар кўп, мен чорваларимга масъулман. Имомимиз намозни ҳаддан ошиқ узайтириб юборганлиги учун ўзим қисқароқ қилиб ўқишга мажбур бўлдим“ деди. Шунда Расулуллоҳ унга индамасдан, имомни чақириб жамоатнинг ҳолини риоя қилмагани учун «Эй Жобир! Фитначимисан, фитначимисан», деб койидилар. Демак, олим бўлган киши шароитни тушунадиган, халқнинг ҳолини риоя қиладиган заковатли инсон бўлиши керак.
Фитнага сабаб бўладиган чала мулла бўлишдан Аллоҳ барчамизни асрасин.