Қабасотун мин ҳаётир Расул  ( 26466 marta o'qilgan) Chop etish

1 2 3 B


MirzoMuhammad  13 Iyun 2017, 10:10:02

ҚАБАСОТУН МИН ҲАЁТИР РАСУЛ
(Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётларини ўрганиш)
Ота-онага яхшилик қилиш
وَاعْبُدُواْ اللّهَ وَلاَ تُشْرِكُواْ بِهِ شَيْئاً وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَاناً
“Ва Аллоҳга ибодат қилинглар ва Унга ҳеч нарсани ширк келтирманглар. Ота-онага ... яхшилик қилинглар”. (Нисо. 36)
   Шубҳасизки, ота-оналар фарзандларнинг дунёга келишининг асосий сабабчиларидир. Улар фарзандининг роҳати учун бор-йўғини нисор айлагайлар. Фарзандларининг бахту-саодати ва фароғатлари учун бор-будини фидо қилурлар. Аллоҳ субҳоналлоҳу ва таоло марҳамат қилади:
وَاعْبُدُواْ اللّهَ وَلاَ تُشْرِكُواْ بِهِ شَيْئاً وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَاناً
“Ва Аллоҳга ибодат қилинглар ва Унга ҳеч нарсани ширк келтирманглар. Ота-онага ... яхшилик қилинглар”. (Нисо. 36)
Аллоҳ таолога биндалик вазфасини адо қилишлик  аҳдга вафо, борига ризо, йўғига сабр, шариат чегараларига риоя ва ота-онага эзгулик қилиш билан камолотига етади. Киши ота-онага эзгулик қилар экан, дунёда салоҳиятлик инсонлардан, охиратда нажот топганлардан, қиёмат куни маҳшаргоҳда Тангри таолонинг Аршининг соясида солиҳ инсонлар қаторида бўлур. Шунингдек, ота-онасига оқ юўлган кимсаларга Аллоҳ субҳоналлоҳу ва таоло қаттиқ азобларни тайёрлаб қўйган.
Ота-онага оқ бўлишлик улкан мусибатдир. Ва, айниқса ўз фарзандларидан азоб ва уқубат тортишлик яна ҳам оғирроқдир. ота-онасига оқ бўлганлар агарчи бутун дунё мулкига молик бўлганда, Аллоҳ азза ва жалла барча савоб амалларини бекор қилиб юборур. Ота-оналарига эзгулик қилган инсонлар эса, тавфиқда бўлурлар ва Аллоҳ таолонинг розилигига етишурлар.
Маъмун айиади: “Ота-онага эзгулик қилишда Яҳёнинг ўғли Фазлдан кўра афзалроғини кўрмадим. У ота-онасига шунчалик меҳрибон эдики, отаси билан қамоқда з\ўтирган пайтида ҳам отаси ҳеч қачон совуқ сувда тағорат олмаган, ҳар қандай шароитда ҳам сув иситишга чора топар эди. Совуқ тушиб қолган кечада соқчилар сув иситиш учун ўтин олиб киришга рухсат бермади. Шунда Яҳё уйқуга кетганидан сўнг Фазл доимо сув иситиб юрган мис идишни олди-да, машъала ёнига бориб отаси уйқудан уйғонгунча қўлидан туширмай машъалага тутиб турди”.
Қуйида ота-онасига эзгулик қилганларга қандай мукофотлар берилгани ва оқ бўлганлар қандай қарғишларга қолганлари ҳақида ҳикоялар келтирамиз, иншооллоҳ.


Ота-онанг ҳузурига бор!
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бир киши келиб, душманлар билан қитол қилишга байъат қилмоқчи бўлди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан сўрадилар:
-   Ота-онангдан бирортаси ҳаётми?
-   Ҳа, эй, Аллоҳнинг расули! Улар иккаласи ҳам ҳаётлар, - жавоб берди у киши.
-   Ота-онангнинг ҳузурларига бор! Уларга яхши ҳамроҳлик қил! – дедилар Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
Шунда у киши ота-онасининг ҳузурларига қайтиб борди. Ота-онасининг қалби сурурга тўлда. Ўғлининг фироғида тўкаётган ёшлари ариди. Юзларида табассум жилва қилди.
Бу билан Сарвари коинот саллаллоҳу алайҳи ва саллам инсоният учун ота-онага яхшилик қилиш ҳатто душманга қарши бориб жидду-жаҳд қилгандан-да афзалроқ эканини намоён қилдилар.


Мусъаб ибн Умайр
Мусъаб ибн Умайр разияллоҳу анҳу ҳаж мавсумида етмиш кишига бошчиликда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан мулоқотда бўлиш учунйўлга тушди. Улар иккинчи Ақаба байъатини қилганлар эди. Маккага етиб келган заҳотлари Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига кириб,  ўзинниг ишлари ва Мадина халқининг аҳволларидан айтиб берди.
Унинг Маккага етиб келганининг хабари онасига етиб борди. Келибоқ, энг аввал онасига учрамаганидан онасининг юраги сиқилди. Ўғлини тезда ҳузурига чорлатди. У Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнин хизматларидан фориғ бўлганидан кейингина онасининг олдига борди. Нима учун бундай қилганининг сабибини сўради.
-   Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан аввал ҳеч ким билан учрашмайман! – жавоб берди Мусъаб.
-   Нима, сен динингдан воз кечдингми? – сўради онаси.
-   Йўқ! Аксинча, мен Аллоҳнинг ва Расулининг динидаман!
-   Ҳали Ҳабашистонга, ҳали Ясрибга ҳижрат қилиб ўлар ҳолатга етмадингми?!
-   Мен асло қийналмадим. Фақат, динимни сақлаш учун сизларнинг озор ва жафоларингиздан қочдим.
Онасининг жаҳли чиқиб, аввалги одатига кўра ўғлини қамаб қўймоқчи бўлди. Ўғли ҳам қатъий жавоб айтди:
-   Ким менга яқинлашса, албатта ўлдирурман!
-    Онаси бу ҳолатни кўриб йиғлашга тушди. Шунда Мусъаб ибн Умайр онасини юпата бошлади:
-   Эй онажон! Менинг диним шундай динки, бизда ота-онага яхшилик қилишга буюрилади. Улар билан дунёда яхши муомалад бўлишга чорланади. Лекин куфр ишларида итоат қилинмайди. Эй онажон! Мен сизга жуда ҳам меҳрибонман. Аввалги одатларни ташланг! Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигига ва Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг расули эканига гувоҳлик беринг! Шу йўл энг очиқ ҳақиқат йўлидир. Дунё ишлари ва охират салоҳияти ҳам, Аллоҳнинг розилиги ҳам шундадир!
Лекин, афсуски, онаси жаҳолатда эди. Ўғлининг сўзларини қабул қилмади. Ҳатто мусулмонларга қарши Бадр ва Уҳуд жангларида иштирок этди.


Бижод соҳиби
Жоҳилият даврида бир боланинг отаси вафот эди. Бола улғайиб, камолотга етгунча унинг амакиси ўз қарамоғига олди. Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламга пайғамбарлик келганда бола амакисига айтди:
-   Эй амакижон, рухсат берсангиз Муҳаммаднинг олдига борасам.
-   Аллоҳга қасамки, унинг олдига борсанг сени ҳамма нарсадан маҳрум қилурман! Ҳатто устингдаги кийимингни ҳам ечиб оламан! – деди амакиси.
-   Эй амакижон, хоҳлаганингизни қилинг, мен барибир унинг олдига бормай қўймайман! – деди бола.
Амакиси айтганидек қилиб уни  ҳамма нарсадан маҳрум қилди. Ҳатто устидаги кийимларин ҳам тўла ечиб олди. У онасидан туғилган каби яланғоч қолди. Онаси унинг бу ҳолатини кўриб, қалби ларзага келди. Ўзи ораб олган бижод (йўл-йўл кийим) бор эди. Ўшани иккига бўлиб, ярмини ўғлининг устига ўраб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларгиа борди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу пайтда мушриклар билан жангда эдилар. Бола жангги кирди ва ўша жангда мардонавор жон таслим қилди. “Бижод соҳиби” номини олди.



Ўғлига оқ бўлган ота
Мўминларнинг амири Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳунинг олдига бир киши ўғлини етаклаб келиб арз қилди:
-   Эй мўминларнинг амири, мен мана бу ўғлимни оқ қилдим!
-   Ҳой йигит, ота-онангдан оқ бўлсанг, Аллоҳнинг азобига қолишдан қўрқмайсанми? – сўради Умар разияллоҳу анҳу.
-   Эй мўминларнинг амири, боланниг ҳам ота-онадан ҳақлари борми? – сўради ўғил.
-   Бор. Аввало туғилажак фарзанд учун яхши онани танлаш керак. Болага чиройли исм қўйиш ва Аллоҳнинг Китобини ўргатиш лозим.
-   Аллоҳга қасамки, менга онанниг покдомонини танламаган! Балки бир канизакни сотиб олиб, ўшанга уйланган. Исмимни ҳам чиройли қўймаган. Менга Жуал (“гўнг қўнғизи”) деб исм қўйган. Аллоҳнинг Китобидан бирорта ҳам оят ўргатмаган.
Умар разияллоҳу анҳу отага юзланди:
-   Ўғлимни оқ қилдим, дейсан! Сен оқ қилгунингча ўғлинг сени оқ қилиб юборган экан-у! Тур, йўқол олдимдан!!!



Ўзинг ҳам, молинг ҳам отангникидир!
Бир киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнин ҳузурларига келиб, отаси унинг молини олиб, қайтиб бермаётганидан шикоят қилди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам отани чақиртирдилар. Ота мункиллаб қолган қария эди, ҳассасига суяниб келди. Ундан нима гап эканлигини сўрадилар. Ота жавоб берди:
-   Эй, Аллоҳнинг расули! Болам заиф, мен эса бақувват эдим. Болам фақир, мен эса бой эдим. Мен ундан боримни аямадаим. Натижада бугунги кунга келиб мен заиф, у эса бақувват, мен фақир, у эса бой бўлди. Лекин у менга  бахиллик қилди.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам йиғладилар ва:
-   Ҳеч бир тош ёки кесак йўқки, бу сўзни эшитиб йиғламаса! – сўнг болага юзландилар: - Ўзинг ҳам, молинг ҳам отангникидир! Ўзинг ҳам, молинг ҳам отангникидир!!


“Онамнинг қабри”
Бир куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалари билан йўлга чиқдилар. Йўл юриб бир қабр бошига етганларида асҳобига ўтиришни буюрдилар. Барчаси жойлашиб ўтиришди. Сўнг ўзлари аста қадам ташлаб қабрга яқин ўтириб олиб узоқ муножот қилдилар. Кейин овозини чиқариб йиғлай бошладилар. Бизлар ҳам йиғладик. Кейин эса саҳобалар томон юзландилар. Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу сўради:
-   Эй, Аллоҳнинг расули! Нима нарсадирки, Сизни йиғлатди, Сизни кўриб биз ҳам йиғладик ва қўрқиб кетдик?
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Умар разияллоҳу анҳунинг қўлларидан тутдилар. Кейин саҳобаларга имо қилдилар. Улар ҳам яқин бўлишди.
-   Менинг йиғлашимдан қўрқдиларингизми? – сўрадилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам. Саҳобалар жавоб беришди:
-   Ҳа, эй, Аллоҳнинг расули!
Икки ёки уч бора шундай деб сўраганларидан кейин баён қилдилар:
Мен муножот қилганимни сизлар кўриб турган ушбу қабр менинг онам – Омина бинти Ваҳбнинг қабри. Раббимдан шу қабрини зиёрат қилишга изн сўраган эдим, изн берди.


Алқама
Алқама разияллоҳу анҳу саҳобаларниг ичиди энг салоҳиятлиларидан эди. Унга охират диёрига риҳлат қилиш вақти етиб, жон ҳалқумига келганида ҳар қандай сўзларни айта олар эди, фақат шаҳодат калимасига тили келмай қолган эди. Унинг аҳли Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бориб бу ҳолатни айтишди.
-   Унинг ота-онаси борми? – сўрадилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
-   Отаси ўтиб кетган, онаси ҳаёт, фалаж бўлиб қолган, - дейишди.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Билол ва Аммор разияллоҳу анҳумога тайинладилар:
-   Эй Билол, эй Аммор! Алқаманинг онасининг олдига бориб: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Сизни чорлаяптилар. Агар имконингиз бўлса борар экансиз. Бўлмаса Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари келар экан” деб айтинглар.
Билол ва Аммор разияллоҳу анҳумо Алқаманинг онасининг олдига бориб хабарни етказишди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг чорловларини эшитган онаизор йиғлаб юборди:
-   Ота-нам Сизга фидо бўлсин, эй, Аллоҳнинг расули! Сиз менинг олдимга келишингиздан кўра мен Сизнинг олдингизга боришим муносиброқ! – деб, ўзи фалаж бўлса-да, йўлга чиқди.
У етиб боргач Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам сўрадилар:
-   Эй Алқаманинг онаси, Алқама қандай?
-   У яхшиликда. Намозлар ўқийди, рўзалар тутади, ғанимат ўлжага эга бўлади, - жавоб берди она.
-   Сизга нисбатан қандай ҳолатда?
-   Мен ундан қаттиқ хафаман!
-   Нима учун?
-   У хотини мендан устун қўяди!
Бу сўзлардан кейин Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам фарзандидан рози қилиш ва Алқамани дўзах азобидан сақлаб қолиш учун онанинг қалбида раҳм-шафқат қўзғатиб қўйишни хоҳлаб қолдилар.
-   Эй Било, эй Аммор! Боринглар, ўтин олиб келинглар! – дедилар.
-   Нима учун, эй, Аллоҳнинг расули? – сўради она.
-   Алқама охиратда куёмаслиги учун шу дунёдаёқ ёқиб юбормоқчиман! – жавоб бердилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
-   Боламни, жигаргўшамни кўз олдимда ёқиб юборурмисиз?..
-   Ё рози бўлурсиз, ёки ёқиб юборишга буюраман!
Шунда Алқаманинг онаси қалбининг тубидан дод солиб юборди:
-   Эй Аллоҳ! Сени гувоҳ қиламан! Эй, Аллоҳнинг ердаги расули! Сизни гувоҳ қиламан! Шу ерда турганларнинг ҳаммасини гувоҳ қилиб айтарман – мен Алқамадан розиман!
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам буюрдилар:
-   Эй Билол! Эй Аммор! Алқаманинг олдига бориб қулоқ солинглар-чи, тили имон калималарига келдимикин? Балки унинг онаси қалбидан эмас, балки тилидангина айтгандир?
Билол ва Аммор разияллоҳу анҳумо борсалар Алқама имон калималарини равон айтаётган ва охирги нафасларида экан...
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўринларидан туриб, унинг жанозасига бордилар. Қабрига ҳам бориб насиҳат қилдилар:
-   Эй инсонлар! Кимки хотинини онасидан устун қўйса ёки онасига ғазаб қилса, қиёмат кунигача унга Аллоҳнинг лаънати бўлур!


Оқпадар
Асмаъий айтади:
-   Менга бир аъробий шундай деб айтиб берган эди: “Маҳалламдан чиқиб бошқа маҳаллаларни айландим. Бир жойга борсам, бир кекса қария бўйнида арқон, туя ҳам кўтара олмайдиган оғир челакни илиб олган. Айни пешин пайти, кун беаёв қиздирган маҳал. Орқасида бир йигит қўлида қамчи билан савалаб турибди. Арқоннинг кучидан елкалари шилиниб кетган.
-   Ҳой йигит! Шундай нотавон кексага озор беришга Аллоҳдан қўрқмайсанми?! Унга арқондан етган озор етмасмики, устига-устак калтаклаяпсан?! – дедим
-   Бунинг устига у менинг отам бўлади, - бамайлихотир жавоб берди йигит.
-   Ундай бўлса Аллоҳ сенга ҳаргиз яхшилкни раво кўмагай!
-   Шошилма! – деди йигит, - У отасига шундай муомала қилган, отаси ҳам бунинг бобосига шундай қилган! бунинг жазоси шу!
-   Бу ҳақиқатан оқпадарларнинг ҳам оқпадарроғи экан, дедим”.

Шайх Аҳмад Муҳаммад Ассофнинг “Қабасотун мин ҳаётир-Расул” китобидан таржима қилинди.
Шаҳобиддин ПАРПИЕВ
Асака туман бош имом хатиби

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  24 Iyun 2017, 09:58:19

ҚАБАСОТУН МИН ҲАЁТИР РАСУЛ
(Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётларини ўрганиш)
Ҳурфикрлик
   Ислом динида инсон шахсига ҳурмат бағоят юқори даражага кўтарилганлигининг бир намунаси ҳурфикрликдир. Ҳолбуки, ҳурфикрлик инсон эркинликларининг асли ва энг Ислом динини воқеликда баланд қилиб тургувчи энг муҳим устунлардан бири эрур.
Ислом таълимотларида ҳурфикрли икки қисм бўлади:
биринчиси ҳақиқат узра намоён бўлган ва ҳар бир шахс учун муҳим бўлган фикрлар;
иккинчиси эса Ислом дин ва бутун мусулмонлар жамоати учун муҳим, ҳал қилиниши лозим бўлган ва турли хатарларни ва хатарли оқибатларнинг олдини олиш учун зарур бўлган жамоатчилик фикри. Бунинг натижаси инсонларни тўғри йўлга далолат қилиш ва бахту-саодатга етишишлари учун чора ва тадбирлар кўриш бўлади.
Саййидимиз Муҳаммад мустафо саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:
“Қай бирингиз мункар ишни кўрса уни қўли билан тўғриласин. Кучи етмаса тили билан. Унга ҳам кучи етмаса қалби билан (инкор қилсин). Бу эса имоннинг заифлигидир” деганлар.


Умар хато қилди
Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу масжидда аёлларнинг маҳрини Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизларига берилган берилган маҳрлардан ошириб юбормаслик ҳақида ўз фикрини баён қилди. Шу маҳал бир аёл баланд овоз билан халифанинг сўзига хилоф фикр билдирди. Бутун жамоат жим бўлиб қолди. Аёл эса аниқ ва равшан далиллар ила халифанинг хатосини ва ўз сўзининг тўғрилигини исботлаб берди. Унинг аниқ далилларига ҳеч ким эътироз билдира олмади. Балки тўғри айтилган  ҳур фикрга барча итоат қилди. Умар разияллоҳу анҳу эса аёлнинг ҳақ ва ўзининг ноҳақ эканлигини билганидан кейин машҳур сўзини айтди:
-   Аёл тўғри айтди, Умар эса хато қилди.


Сўзла, қулоқ солурмиз!
Умар ибн Хаттоб халифалик даврида мусулмон оммасидан бири бўлган Салмон Форсий разияллоҳу анҳу масжид тўла одамлар орасида, уни тзхтатиб қўйди. Ҳақ сўзни эса ҳеч ким инкор эта олмади.
Форс ерлари фатҳ этилиб, ўлжалар тақсим қилинганидан кейин умар разияллоҳу анҳу одамларга қараб:
-   Эй инсонлар, қулоқ солинглар ва итоат этинглар! – деди.
-   Эй мўминларнинг амири! Қулоқ солиш ҳам, итоат этиш ҳам бўлмайди! – деди.
-   Эй биродарим, нима учун? – сўради Умар разияллоҳу анҳу.
-   Чунки сен ўлжадан бизларга биттадан кийим бердинг. Ўзинг эса иккита кийиб олибсан!
-   Эй Абдуллоҳ! Тур, гувоҳлик бер! – деди халифа ўғлига юзланиб. Абдуллоҳ ўрнидан турди ва ойдинлик киритди:
-   Отам кийиб олган иккинчи кийим меники!
-   Ундай бўлса, сўзла, биз қулоқ соламиз! – деди Салфон Форсий разияллоҳу анҳу.


Ҳақ сўзга журъат
Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу халифаликни қабул қилар экан:
-   Ким менда бирор нотўғриликни кўрса тўғрилаб қўйсин, - деди.
Бу сўзни эшитиб одамлар ичида анчагина обрўга эга бўлган, сўзига ҳамма қулоқ соладиган бир киши ўрнидан турди ва:
-   Аллоҳга қасамки, агар сендан бирор ҳақсизликни кўриб қолсак, уни қиличнинг тиғи билан тўғрилаб қўйгаймиз! – деди. Умар разияллоҳу анҳу хурсанд бўлиб:
-   Аллоҳга ҳамдлар айтурманки, Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) умматидан Умарни қиличнинг тиғи билан тўғрилаб қўйгувчи инсонни чиқариб қўйибди! – деди.


Саъд ва Абу Жаҳл
Саъд ибн Муъоз разияллоҳу анҳу Маккага умра учун келиб, илгари дўсти бўлган Умайя ибн салафнинг хонадонига тушди. Чунки Умайя қачон савдо ишлари билан Шом шаҳрига борса, қайтишда албатта Мадинага кириб Саъднинг хонадонига тушар эди. Саъднинг мусулмон бўлиши ва тавоф учун азм қилганини эшитиб унинг юраги сиқилди ва Маккада Саъдга мушриклардан бирор хавф етишини ўйлаб қаттиқ ташвишланди. Шунинг учун кун оғиб одамлар сийраклашганда кўчага чиқишни тавсия қилди.
Саъд Каъбани тавоф қилар экан абу Жаҳл келиб сўраб қолди:
-   Ким бу – Каъбани хотиржам тавоф қилаётган?!
-   Мен – Саъдман! – жавоб берди Саъд.
-   Сенлар Муҳаммадга (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва унинг асҳобига ўз юртларингдан паноҳ бериб, энди ўзинг бемалол, хотиржам тавоф қилгани келдингми?!
-   Ҳа!
Мккаласи сўкиниша бошлашди. Шунда Умайя ўртага тушди:
-   Абу Ҳакамга овозингни кўтарма! У водий аҳлининг саййиди бўлади!
-   Аллоҳга қасамки, агар менинг йўлимни тўссанг, Шомдан қайтаётган карвонингнинг йўлини тўсиб оламан! – деди Саъд.


Аллоҳнинг душмани
Кунларнинг бирида Абу Жаҳл бир тўда одамларнинг олидидан ўтиб қолди. Улар бир озғингина, бўйлари ҳам пасттаккина бўлган бир инсоннинг атрофида давра бўлиб олишган эди. Бу нимжон йигит Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу бўлиб, у гўзал овозда гўзал Каломни тиловат қилар эди:
 وَعِبَادُ الرَّحْمَنِ الَّذِينَ يَمْشُونَ عَلَى الْأَرْضِ هَوْناً وَإِذَا خَاطَبَهُمُ الْجَاهِلُونَ قَالُوا سَلَاماً
“Раҳмоннинг бандалари ер юзида тавозуъ ила юрадиган ва жоҳиллар хитоб қилганида, «салом», дейдиганлардир”. (Фурқон. 63)
Куфр ва ширкнинг боши бўлган Абу Жаҳл дарҳол Абдуллоҳга қарши чиқиб уни тўхтатиб қолиш учун уринди ва дарғазаб бўлиб, жаҳллари чиқиб:
-   Ҳой, қуриб кетгур ибн Масъуд! Ҳой Умму Абдининг ўғли! Токайгача бизларнинг иттифоқчилигимиз ва  аҳллигимизга раҳна соласан?! Мен сени яхшилаб адабингни бериб қўймасам, ҳали-бери тийилмайсан шекилли! – деб камон билан уриб, бошини ёрди.
Абдуллоҳ эса ўта вазминлик ва оғир-босиқлик билан, ҳаммани лол қолдирадиган даражада шижоат билан Абу Жаҳлнинг кўкрагига бир мушт тушириб, юзига тарсаки тортиб юборди. Абу Жаҳл бақириб юборди:
-   Ҳой, қўй боқар! Сен энди мендан қутула олмайсан!
-   Ҳой Аллоҳнинг душмани! Сен ҳам бу қилган ишинг учун қутула олмай қоласан! – жавоб қайтарди Абдуллоҳ.
Кунлар ўтди. Бу икки хусуматчилар Бадр жангигача учрашмадилар. Ўша куни Абдуллоҳ разияллоҳу анҳу Бар жангида қатл бўлганлар орасини айланиб юрар экан, уларнинг орасидан Абу Жаҳлни топиб олди. Унга анча  вақт қараб турди. Сўнг кўкрагига тиззасини қўйиб чўккалади ва:
-   Эй Аллоҳнинг душмани! Аллоҳ сени хор қилипти-ку! – деди.
-   Бу сенмисан, ҳой қўй боқар? Сен ҳам юқори мақомларга чиқиб олибсан-да?!
-   Мана энди мусулмонларга қилган разилликларинг эвазига Аллоҳ сени хор қилибди! Мана, энди дунё азобини тотиб кўр! Ҳолбуки, охират азоби яна ҳам қаттиқроқ ва улкан азоблар бордир! – деб қиличини солди.



Уч хатога бир хато
Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу қоронғу кечаларнинг бирида ёлғиз ўзи юрт айланиб чиққан эди, бир уйдан чироқ нури кўриниб қолди. Яқинроқ борган эди одамларнинг овозлари эшитилди. Мўралаб қараса, бир ҳабаш банда ароқ ичиб ўтирибди. Атрофида бир неча улфатлари. Эшикдан кирмоқчи эди, маҳкам беркитилганидан киришнинг иложи бўлмади. Ноилож томдан ошиб тушишга тўғри келди. Қўлида қамчи билан ҳовлига кириб олди. Ўтирганлар уни кўриб, дарҳол ўринларидан туриб, қўрқиб кетган ҳолда уй эшигини очишди. Халифа кирибоқ, ҳабашни тутди.
-   Эй мўминларнинг амири, хато қилдим! Энди тавба қилдим, тавбамни қабул қилинг! – илтижо қилди ҳабаш.
-   Қилган хатойинг учун сенга дарра урурман! Деди Умар разияллоҳу анҳу.
-   Эй мўминларнинг амири! Мен биргина хато қилган бўлсам, Сиз учта хато қилдингиз. Аллоҳ таоло: وَلَا تَجَسَّسُوا    “Жосуслик қилманглар” деган. Сиз жосуслик қилдингиз. Ва яна: وَأْتُواْ الْبُيُوتَ مِنْ أَبْوَابِهَا   “Ва уйларга эшикларидан киринг” деган. Сиз томдан ошиб кирдингиз.  لَا تَدْخُلُوا بُيُوتاً غَيْرَ بُيُوتِكُمْ حَتَّى تَسْتَأْنِسُواوَتُسَلِّمُوا عَلَى أَهْلِهَا     “Ўз уйларингиздан бошқа уйларга то изн сўрамагунингизча ва уларнинг аҳлига салом бермагунингизча кирманг” деган. Сиз эса изн сўрамасдан ва салом бермасдан кирдингиз. Менинг битта хатойимга шу учта хатони бадал қила қолинг. Боз устига мен энди бу ишни қайта қилмасликка тавба қилдим.
Умар разияллоҳу анҳу унинг бу сўзига таҳсин айтди ва уни жазодан озод қилди.


Ҳикмат ва яхши мавъиза ила даъват қил
Халифа Ҳорун ар Рашиднинг ҳузурига бир зоҳид келиб:
-   Эй мўминларнинг амири, мен Сизга ваъз қилмоқчиман. Бир оз қаттиқроқ гапираман. Қабул қила олурмисиз?
-   Йўқ! Қабул қилмайман! – жавоб берди халифа.
-   Сиз мўинларнинг амири бўла туриб ваъз-насиҳат эшитиш ва Аллоҳни эслатишни ёмон кўрурмисиз?
-   Йўқ, лекин Аллоҳ таоло сендан кўра яхшироқ инсонни, яъни Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламни мендан кўра ёмонроқ кимсаларга, яъни Қурайш мушрикларига юбориб: ادْعُ إِلِى سَبِيلِ رَبِّكَ بِالْحِكْمَةِ وَالْمَوْعِظَةِ الْحَسَنَةِ     “Роббингнинг йўлига ҳикмат ва яхши мавъиза ила даъват қил” деган, - жавоб берди Ҳорун ар Рашид.



Исломга нуқсон етсинми?!
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дорул бақога риҳлат қилганларидан кейин айрим имони заифлар Исломнинг асосий устунларидан бўлган фарзни – закотни инкор қилишганида халифа Абу Бакр разияллоҳу анҳу тенгсиз ҳиммат ва шижоат билан уларга уруш очди. Абу Ражо Басрий айтади: “Бир тўп жамоатни кўрдим. Бир киши бошқа бир кишининг бошини ўпиб:
-   Жоним Сизга фидо бўлсин, Сиз бўлмаганингизда ҳалок бўлар эканмиз! – дер эди. Мен бу иккала инсон кимлигини сўрадим.
-   Бу Умар ибн Хаттоб. Абу Бакрнинг бошини ўпиб турибди. Рудда аҳли закотдан бош тортишганларида уларга қарши уруш очган. Шундагина улар закотни адо қилишга мажбур бўлганлар. Абу Бакр разияллоҳу анҳу баланд овоз билан таъкидлаб:
-   Аллоҳга қасамки, агар улар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам даврида бериши лозим бўлган туянинг бир арқонини беришдан бош тортсалар ҳам уларга уруш очар эдим! – деганида Умар разияллоҳу анҳу бу сўзлардан ташвишланиб, халифани бир оз тинчлантишга уринган эди. Шунда Абу Бакр ҳақиқат ҳайқириғи билан:
-   Эй Хаттобнинг ўғли! Мен сенинг ёрдам беришингни умид қилсам, мени ёрдамсиз ташлаб кетгани келдингми?! Жоҳилиятда мартаба соҳиби бўлган инсон, Исломда хор бўлиб қолингми?! Билиб қўй! Ваҳий тўхтаган, Ислом камолига етган! Мен тирик бўлсам-у, унга нуқсон етсинми?!



Мен яхшироқман!
Омир ибн Туфайл ва Зайд разияллоҳу анҳулар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига кириб, Мадинанинг меваларида улуш сўрадилар. Усайд ибн Ҳузайр найзасини уларнинг бошлари узра айлантитиб:
-   Ҳой тулкилар! Қани, чиқларинг бу ердан! – деди.
-   Сен кимсан? – сўради Омир.
-   Усайд ибн Ҳузайрман! – жавоб берди у.
-   Лашкарбоши Ҳузайрмисан?
-   Ҳа, ўшаман!
-   Отанг сендан кўра яхшироқ инсон эди.
-   Йўқ! Мен сендан ҳам, отамдан ҳам кўра яхшироқман! Отам кофирликда вафот этган! – жавоб берди Омир разияллоҳу анҳу.



Умар қандоқ қулоқ солмасин?
Умар разияллоҳу анҳу кечаси йиғлаб:
-   Аллоҳга қасамки, агар бир йғ битмаган қўтир эчкини жилға бўйида қолдирсам, қиёмат куни ўшандан сўралишимдан қўрқаман.
Бошқа бир куни асҳоблари билан кетаётган эди, бир аёл тўхтатиб:
-   Кечагина Умарча эдинг, энди Умар бўлдинг. Кечагина Умар динг, бугун эса мўминларга амир бўлдинг. Сенга бу мансабни берган Аллоҳдан қўрқ, эй Умар! – деди.
Умар разияллоҳу анҳу бу сўзларни эшитиб яна йиғлай бошлади.
-   Ҳой, Аллоҳнинг канизаги! Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ердаги халифасин йиғлатиб қўйдинг-ку! – дейишди одамлар. Умар разияллоҳу анҳу уларни тўхтатди:
-   Уни ўз ҳолига қўйинглар, эй соҳибларим. У – Ҳакимнинг қизи Хувла. Унинг сўзларини Аллоҳ ҳам эшитган ва Қуронда унинг қиссасини баён қилган: قَدْ سَمِعَ اللَّهُ قَوْلَ الَّتِي تُجَادِلُكَ فِي زَوْجِهَا وَتَشْتَكِي إِلَى اللَّهِ وَاللَّهُ يَسْمَعُ تَحَاوُرَكُمَا إِنَّ اللَّهَ سَمِيعٌ بَصِيرٌ   “Албатта, Аллоҳ Сен билан ўз эри ҳақида тортишаётган ва Аллоҳга шикоят қилаётган (аёл)нинг сўзини эшитди. Ҳа, Аллоҳ икковингизнинг гаплашувингизни эшитмоқда. Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчидир”. (Мужодала. 1). Аллоҳки бу аёлнинг сўзини тинглаган бўлса, Умар қандоқ қулоқ солмасин?...


Сизларда яхшилик йўқдир!
Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу инсонларга хитоб қилаётган эди, бир киши уни тўхтатиб:
-   Эй мўминларнинг амири! Аллоҳдан қўрқинг! – деди. Шу жойда ҳозир бўлганлар унга:
-   Мўминларнинг амирига Аллоҳдан қўрқинг дейсанму? – дейишди. Умар разияллоҳу анҳу уларни қайтариб:
-   Уни ўз ҳолига қўйинглар! Айтаверсин.  Қандоқ ҳам язши сўз айтди. Шу сўзни айтмасаларингиз сизларда яхшилик йўқдир. Агар қабул қилмасак, бизларда яхшилик бўлмагай! – деди.



Муфтий Иззуддин
Салоҳиддин Айюбийнинг вафотидан кейин халифаликда ихтилофлар бўлиб қолди. Бу ихтилофлар мағлубиятга учраб, тор-мор бўлган салибчиларга қўл келди. Шом султони Солиҳ  Исмоил балан унинг акаси, Миср султони Нажмиддин Айюб ўртасида низолар бошланиб кетди. Солиҳ Исмоил салибчилар билан иттифоқ тузиб, уларга Байтул Мақдис, Табарийя ва Асқалонни топшириб, агар Нажмиддин Айюбни мағлуб қилишга ёрдам беришса, Мисрдан ҳам бар парча жой ажратиб беришга ваъда берди.
Шунингдек салибчилар Димашққа бемалол киришига йўл очиб берди. Уларга ҳаракат эркинлигини ва маҳаллий халқдан қурол сотиб олишларига имконият қилиб берди. Иззуддин ибн Абдусалом бу пайтда Димашқ муфтийси ва уммавийлар масжидининг имом хатиби эди. Жумъа куни хутбада минбарда туриб Солиҳни беаёв танқид қилди. Унга дуо ҳам қилиб юборди. Салибчиларга қурол сотиш ва умуман ёрдам беришнинг ҳаромлигига фатво берди. Ҳар бир хутбаси, дарслари султонга қарши бўлди. Салибчииларга қарши урушишга одамларни давъват қилди. Душманларга ёрдам беришни хиёнат деб эълон қилди.
Бу сўзларни эшитган султон Солиҳ  Исмоил дарғазаб бўлиб, уни уммавийларнинг масжидига имомлик вазифасидан четлатди, фатво чиқариш ва одамларга аралашиб юришни тақиқлаб қўйди. Уйидан чиқишга рухсат бермасликка буйруқ берди. Шундан сўнг Иззуддин ҳаракатини давом эттириш учун Димашқдан Мисрга ҳижрат қилишга қарор қилди.
Шундай қилиб, ҳижрий 638 йилида шаҳардан чиқиб кетди. Буни билган халқ Димашқ халқи ғалаён кўтарди. Султон вазирларидан бирини Иззуддиннинг ортидан юборди. Вазир Нобилисга етганда Иззуддин билан учрашди ва Димашққа қайтишни илтимос қилди. Яна қўшимча қилди:
-   Хоҳласанг аввалги лавозимингга қайтишинг мумкин. Аввалгидан зиёда мартабаларга етишишинг ҳам  мумкин. Фақат унинг учун султондан узр сўраб, қўлини ўпсанг бўлди.
-   Эҳ бечора! – деди Иззуддин, - Султон менинг қўлимни ўпишига рози бўлмайман-у, мен унинг қўлини ўпишга рози бўлармидим?! Эй қавмим, сизлар бир водийда-ю, мен бир водийдаман. Сизлар мубтало бўлиб турган фитналардан сақлаб қўйган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
-   Султон менга буюрган, ё шартимни қабул қиласан ёки сени занжирбанд қиламан! – деди вазир.
-   Қўлингиздан келганини қилинг!
Нобилис шаҳрида Иззуддинга кишан солишди. Токи Мисрдан мадад кучи келиб озод қилгунча кишанда турди. Мисрликлар келиб Иззудинни кишандан озод қилдилар ва салибчиларга қарши курашиш учун Қоҳирага олиб кетишди.



Ҳақ сўзнинг ҳайбати
Иззуддин ибн Абдусалом хайит кунида обрўли султонлардан бири бўлган Мусо ибн Малик Одилнинг ҳузурига кирди. Султон мамлакатнинг олий мажлисида дабдаба билан ўтирган эди. Амирлар одатдагидек унинг қаршисида ерни ўпиб туришган эди. Иззуддин баланд овоз билан:
-   Эй Айюбнинг ўғли! Аллоҳ таоло сенга: “Сенга Миср мамлакатини бериб қўйсам унда хамр (маст қилувчи ичимлик) соттирдингми?” деса ўзингни оқлаш учун қўлингда нима ҳужжатинг бор? – деди.
-   Шу нарсага йўл қўйилибдими? – сўради халифа.
-   Ҳа, фалончининг қовоқхонасида хамр ва бошқа ҳаром қилинган нарсалар сотилмоқда, сен эса бу мамлакатнинг неъматларидан фойдаланяпсан!
-   Эй ҳазратим! Уни мен жорий қилмаганман, балки отамнинг давридан қолган.
-   Нима, сен  إِنَّا وَجَدْنَا آبَاءنَا عَلَى أُمَّةٍ     “Биз ота-боболаримизни бир динда топдик” деганларданмисан?!
Султон ўша қовоқхонани бузиб ташлашга амр қилди. Кейин шайхдан сўрашди:
-   Шунда хурсандчилик – хайит-байрам кунида, шундай катта маҳобатли мажлис пайтида султонга шу сўзларни ошкора айтишдан қўрқмайсанми?
-   Мен Аллоҳнинг ҳайбатини ҳис қилдим. Шунда султон менга гўёки бир ювош мушк каби бўлиб қолди, - жавоб берди шайх.
Султон Мусо шундан сўнг ҳаром нарсаларнинг савдосини тўла барҳам топдирди ва бу интизом Иззуддин ибн Абдусалом вафот этгунча бузилмади.



Абу Ҳозимнинг насиҳати
Сулаймон ибн Абдулмалик ҳаж амалини бажариб Мадинани зиёрат қилар экан, шаҳардаги Абу Ҳозим Аърож исмли олимни чорлади ва:
-   Менга насиҳат қил, - деди.
-   Эй мўминларнинг амири! Бу мартабага, яъни халифаликка сендан аввал шу мансабда бўлган инсоннинг вафот этгани сабаблигина етишдинг. Халифалик сенга қандай етган бўлса, яна ўшандай сабаб билан сендан кетур. Эй мўминларнинг амири! Раббинг Ўзининг азамати ила сен тақиланган ишларни қилишинг ёки буюрилган амрларни тарк қилишингга муҳтож эмас, - деди олим.
-   Эй Абу Ҳозим! Нима сабабдан сен бизнинг даргоҳимизга қадам ранжида қилмагайсан?
-   Даргоҳингги бориб нима ҳам қилар эдим? Борганим билан мени ўзингга яқин қилсанг, фитнага солиб қўясан. Узоқлаштирсанг, ранжитиб қўюрсан. Менда сендан қўрққулик нарса бўлмаганидек, сенда ҳам мен истаган нарса мавжуд эмас.
-   Бизга ҳожатларингни айт, бажарайлик.
-   Ҳожатларимни сенда кўра қудратлироқ Зотга айтурман. У менга нима берса, қабул қилурман. Нимани бермаса, рози бўлурман. Аллоҳ таоло айтур: نَحْنُ قَسَمْنَا بَيْنَهُم مَّعِيشَتَهُمْ فِي الْحَيَاةِ الدُّنْيَا   “Биз ҳаёти дунёда уларнинг ораларида маишатларини тақсимладик”. Аллоҳ таоло қисматда кўп бериб қўйса, кимдур уни камайтира олгувчи? Қисматда оз берса кимдур уни зиёда қила олгувчи?


Язиддан эмас, Аллоҳдан қўрқ!
Халифа Язид ибн Абдулмалик волий ибн Ҳубайрага Аллоҳ таоло изн бермаган бир масала юзасидан хат юборди. Волий эса Ҳасан Басрийнинг олдига мазкур масала юзасидан фатво сўради ва:
-   Буйруқни адо қилай десам, Аллоҳнинг ғазабидан қўрқаман. Бажармай десам, жонимдан қўрқаман, - деди.
-   Эй ибн Ҳубара! – деди Ҳасан Басрий, - Аллоҳнинг ишида язиддан эмас, Язиднинг ишида Аллоҳдан қўрқ! Аллоҳ сени Язиддан сақлай олади, Язид эса сени аллоҳдан сақлай олмайди. Эй ибн Ҳубайра! Яратганга осий бўладиган ишларда яралганга итоат қилинмас! Сен Язиднинг хатига қара, уни Аллоҳнинг Китобига солиштир. Аллоҳ таолонинг Китобига мувофиқ жойини бажар, хилоф жойларини тарк қил. Ёдингда тут – сен учун Аллоҳ Язиддан кўра авлороқ, Аллоҳнинг Китоби Язиднинг хатидан кўра авлороқдир!
Ибн Ҳубайра Ҳасан Басрийнинг елкасига қоқиб:
-   Аллоҳга қасамки, бу шайх менга тўғри йўлни кўрсатди! – деди.


Эшитганингга амал қил
Абу Амр ибн Абдураҳмон халиф Мансурни зиёрат қилгани борди.
-   Эй Амрнинг отаси! Не бўлдики, анчадан буён биз томонларга келмай қўйдинг? Мен сени илминг ва фазлингдан сабоқ олмоқчи эдим.
-   Сен айтаётган сўзингга назар сол, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Кимга дин ишларида Аллоҳдан насиҳат етган бўлса, уни Аллоҳга шукрлар қилиб қабул қилса, унинг учун Аллоҳдан етиб келган бир раҳматдур. Ундай бўлмаса, унинг гуноҳлари кўпайиши ва Аллоҳдан бўлғуси ғазаб зиёда бўлишлигига унинг учун Аллоҳдан бўлган бир ҳужжатдир. Унга ҳақдан бир нимарса келса, унга рози бўлса – унга розилик бўлур. Агар ғазаб қилса – ғазаб бўлур. Кимки ёқтирмаса, Аллоҳ ҳам уни ёқтирмас, Аллоҳ Ўзи сақласин. Ҳолбуки, Аллоҳнинг дини ҳақ диндур.  Аллоҳ субҳоналлоҳу ва таоло Ўз Каломида айтади: هُوَ الَّذِي أَرْسَلَ رَسُولَهُ بِالْهُدَى وَدِينِ الْحَقِّ لِيُظْهِرَهُ عَلَى الدِّينِ كُلِّهِ وَكَفَى بِاللَّهِ شَهِيداً   “У Ўз Расулини ҳидоят ва ҳақ дин билан, у(дин)ни барча динлардан устун қилиш учун юборган зотдир”. Сен бу ишда жоҳил бўлиб қолмагин, эй мусулмонларнинг йўлбошчиси!
-   Қандай қилиб жоҳил бўлиб қолурман?
-   Эшитасан, аммо эшитганингга амал қилмайсан!


Имон қуввати
Тарихлардан маълумки, ўтган солиҳларимиз шундай бақувват имонда бўлганларки, бу имони уларнинг қаддини тик тутган, шу имон туфайли Аллоҳдан бошқасидан қўрқмаганлар, ҳақ йўлда Аллоҳдан бошқага итоат этмаганлар. Имон ўзининг кибриёси ва азамати ила уларнинг қалблари ва кўзларида лиммо-лим бўлган. Шундай имон қаршисида махлуқот ризоси, дунёнинг зебу-зийнатию, ҳою ҳаваслари ҳеч қандай қадрга эга бўла олмаган.
Абу Мусо айтади: “Бизлар Нажжошийнинг олдига кирдик. У ўз мажлисида ўтирган, Амр ибн Ос унинг ўнг томонида, Аммора чап томонида руҳонийлар эса рўпарасида эди. Амр ва Аммора унга:
-   Улар Сизга сажда қилишмайди, - дейишди. Биз яқин борган эдик, руҳонийлар шоша пиша огоҳлантиришди:
-   Подшоҳга сажда қилинглар!
Шунда Жаъфар ибн Абу Толиб фавқулотда жасорат ва имон қуввати ила  хотиржамлик билан:
-   Бизлар мислсиз улуғлик ва салтанаб эгаси бўлган Аллоҳдан бошқага сажда қилмагаймиз! – деб жавоб берди”


Азоб роҳатга айланди
Абу Зар Ғифорий жоҳилият даврида ҳеч кимдан қўрқмай йўл тўсарлик қилар эди. Ўзи ёлғиз ҳам ҳар қандай одамни талон-тарож қилиб, матоларини олиб қўйиб, ҳеч нарсадан чўчимасдан бемалол кетаверар эди. Вақтики, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга рисолат келганини эшитганидан кейин Исломни қабул қилиш учун келди. Бу пайтда ҳали Ислом даъвати махфий  эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга Исломни ўргатдилар. Абу Зар Исломни қабул қилди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни ўз аҳлига бориб, мусулмон бўлганининг хабарини етказишни тайинлаб, Макка аҳлидан ҳушёр бўлишни уқтирди.
-   Улар сенга бир зарар етказмасалар? деб қўрқаман, - дедилар. Абу Зар бу сўзга жавобан:
-   Жоним тасарруфида бўлган Зотга қасамки, мен уларнинг кўз олдиларида овозимни чиқариб эълон қиламан! – деди.
Шундай деб Масжидул ҳаромга келди ва бор овоз билан баралла эълон қилди:
-   Гувоҳлик берурманки, Аллоҳдан Бошқа илоҳ йўқ! Ва яна гувоҳлик берурманки, Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳнинг расулидир!
Мушриклар дарҳол уни ўраб олиб, ерга йиқилиб овозлари чиқмай қолгунча дўппослашди. Агар Аббос ибн Абдумутталиб келиб уни ҳимоя қилиб:
-   Ҳой шўринг қурғурлар! Билмайсизларми, у Ғифор қабиласидан эканлигини?! Шом томон қиладиган тижорат сафарларингиз ўша томондан ўтади! – деб улардан қутқариб қолмаганида ҳоли не кечар эди, Аллоҳ билади.
Бироқ абу Зар разияллоҳу анҳу яна ўша ишини такрорлади. Одамлар яна дўппослашди. Аббос бу сафар ҳам ўртага тушди. Ҳа, Абу Зар разияллоҳу анҳунинг комил ва бақувват имони туфайли Аллоҳ йўлидаги азоб унинг учун роҳат га айланишга улгурган эди.



Роббинг кузатиб тургувчидир
Аб Жаъфар Мансур Молик ибн Анас ва ибн Товус разияллоҳу анҳуларни чорлади. Улар келганларида Абу Жаъфар қават-қават кўрпа устида ўтирган эди. Олдида чарм тўшама тўшалган кунда. Кунда олдида жаллод. Қўлида шамшир. Жазолашга тайёр турибди. Абу Жаъфар меҳмонларни ўтиришга имо қилди. Сўнг узоқ вақт сукут салаб турди. Кейин ибн Товусга юзланди:
-   Менга отангдандан эшитганларингдан айтиб бер.
-   Мен отамдан эшитганман, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Дарҳақиқат, қиёмат кунида одамларнинг энг қаттиқ азоб тортгувчиси шу кишиким, Аллоҳ ун Ўз ҳукмига шерик қилади ва унга адолати учун шафқатсизликни киритиб қўяди” деганлар.
Молик айтади: “Мен унинг қонига беланиб қолмай деб, дарҳол кийимимни тўсиб олдим”.
Абу Жаъфар яна унга юзланди:
-   Эй Товуснинг ўғли! Насиҳат қил!
-   Хўп. Аллоҳ таолонинг ушбу Каломини эшитмаганмисан:
* أَلَمْ تَرَ كَيْفَ فَعَلَ رَبُّكَ بِعَادٍ * إِرَمَ ذَاتِ الْعِمَادِ * الَّتِي لَمْ يُخْلَقْ مِثْلُهَا فِي الْبِلَادِ * وَثَمُودَ الَّذِينَ جَابُوا الصَّخْرَ بِالْوَادِ * وَفِرْعَوْنَ ذِي الْأَوْتَادِ * الَّذِينَ طَغَوْا فِي الْبِلَادِ * فَأَكْثَرُوا فِيهَا الْفَسَادَ * فَصَبَّ عَلَيْهِمْ رَبُّكَ سَوْطَ عَذَابٍ * إِنَّ رَبَّكَ لَبِالْمِرْصَادِ *
“Сен Роббинг Одга қандай (муомала) қилганинни билмадингми? . Баланд устунли «Ирам»га. Унинг мисли бошқа диёрларда халқ қилинмаганга. Ва водийда харсанг тошларни кесган Самудга. ( Роббинг нима қилганини билмадингми?) . Ва кўп аскарлари бор Фиръавнга. (Роббинг нима қилганини билмадингми?) Улар турли ўлкаларда туғёнга кетган эдилар. . Улар у(ўлка)ларда бузғунчиликни кўпайтирдилар. Бас, Роббинг уларнинг бошига турли азобларни қуйди. Албатта, Роббинг кузатиб турувчидир”.
 Молик айтади: “Мен унинг қонига беланиб қолмай деб, яна кийимимни тўсиб олдим”.
Мансур анча вақт жим туриб қолди. Кейин:
-   Эй Товуснинг ўғли! Менга қаламни бер! – деди. Ибн Товус қаламни қўлига олиб, Абу Жаъфарга бермасдан ушлаб тураверди.
-   Нега бермаяпсан менга?
-   Бу қаламда маъсиятларни ёзсанг, сенга шерик бўлиб қолмай деб қўрқяпман.
Бу сўзларни эшитган халифа ниҳоят уларни ҳайдашга тушди:
-   Турларинг, менинг олдимдан!!!
Ибн Товус эса хотиржамлик билан:
-   Биз ўзи шуни хоҳлаган эдик, - деб, ўринларидан туриб кетишди.
Молик айтади: “Шундан сўнг мен ибн Товуснинг фазилатларини кўравердим”.


Шайх Аҳмад Муҳаммад Ассофнинг “Қабасотун мин ҳаётир-Расул” китобидан таржима қилинди.

   Шаҳобиддин ПАРПИЕВ
   Асака туман бош имом хатиби

Qayd etilgan


MirzoMuhammad  30 Iyul 2017, 16:58:58

ҚАБАСОТУН МИН ҲАЁТИР РАСУЛ
(Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётларини ўрганиш)
ПАЙҒАМБАРЛИК МЎЪЖИЗАЛАРИДАН
ҚАБАСОТ
(Таълим)
نُّورٌ عَلَى نُورٍ يَهْدِي اللَّهُ لِنُورِهِ مَن يَشَاءُ وَيَضْرِبُ اللَّهُ الْأَمْثَالَ لِلنَّاسِ وَاللَّهُ بِكُلِّ شَيْءٍ عَلِيمٌ
“Нур устига нур. Аллоҳ хоҳлаган одамни Ўз нурига ҳидоят қилур. Аллоҳ одамларга мисолларни келтирур. Аллоҳ ҳар бир нарсани ўта билгувчидир. (Нур. 35)


Довуд Тоийнинг вафоти
Довуд Тоий бир манзилга бориб, ўзидан кетиб йиқилди. Уни кўрганлар кўтариб ўз уйига элтиб қўйишди. Ўзига келганидан кейин ҳушидан кетганининг сабабини сўрашди. У жавоб берди:
-   Мен ўша жойда бир кишини ғийбат қилган эдим. Шу жойга келганда ногаҳон ўша ишим ёдимга келиб қолди. у киши Аллоҳ таолонинг ҳузурида мен билан даъволашиб қолишини эсладим. Ўзимни оқлашга ҳеч қандай чорам йўқлигини ўйлаб, қўрқиб кетдим.
Афсус! Афсус!! Қани, энди ўша ахлоқлар? Қани ўша тасаввуримизга ҳам сиғмайдиган даражадаги тақволар? Шу эмасми, Аллоҳдан қўрқиш? Шу эмасми, Уни улуғлаш: шу эмасми, Унга таъзим?
Довуд Тоий Раббиси йўлиқққунга қадар доимий хавфда бўлган. Ҳатто ваофт этишининг ўзига ҳам ўша хавф сабаб бўлиб қолган. Ҳофиз Абу Наъим санади билан ривоят қилишича, Довуд Тоий бемор бўлиб қолди. унинг касаллигининг сабаби шу эдики, кечаси тиловат қилиб ўтириб, дўзах ҳақида баён қилинган оятга етганда, ўша оятни қайта-қайта ўқиди. Шу кечанинг ўзида оят тафаккуридан касал бўлиб қолди. Эрталаб қарасалар, жон таслим қилиб бўлган экан.


Усоманинг лашкарбоши бўлиши
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳажжатлу вадоъдан қайтганларидан кейин Усома ибн Зайд қўмондонлигида катта қўшин тайёрлашга буюрдилар. Қўшин таркибида Абу Бакр, Умар ибн Хаттоб, Абу Убайда ибн Жарроҳ ва Саъд ибн Абуваққос каби аввалги муҳожирлардан бўлган улуғ саҳобалар ҳам бор эди.
Усома Фаластин еридаги Мўътага яқин бўлган, отаси шаҳид бўлган  Балқо ва Дорумларнинг чегараларига бориб, Аллоҳ азза ва жалланинг душманлари билан тўқнашиб, улар устидан зафар қозониб ғанимат ўлжаларни олиб қайтиши керак эди.
Бироқ Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бемор бўлиб қолганликларидан иш бир оз ортга сурилди. Бу вақт ичида бир неча саҳобалар Усоманинг анча ёшлиги ва ҳарбий маҳорати етишмаслиги сабабидан қўмондон бўлишига эътироз билдириша бошлашди. Уларнинг орасида Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу ҳам бор эди. Бу гап-сўзлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳам етиб борди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бошлари боғланган ҳолда чиқдилар. Минбарга кўтарилдилар.
-   Менга етиб келишича одамлар Усоманинг иш бошилиги бўйича гапиришятпи экан. Умрим ҳурмати айтурманки, унинг ишбошилиги ҳақида гапиришатган бўлсалар, ундан аввал отасининг ишбошилиги ҳақида ҳам гапиришган эди. Унинг отаси ҳам шунга муносиб бўлган эди. Энди эса бу ҳам муносиб, дедилар.
Усома лашкар билан чиқди. Мадинанинг шимол тарафидан уч мил наридаги Журф деган жойга бориб тушишди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг беморликлари учун ўша жойда интизор бўлиб тўхтаб қолишди. Касаллик ортиб борар эди. Одамлар касаллик зўрайиб кетгани ҳақида гапларни тарқатишар эди. Усома ва бошқа ҳамроҳлари қайтиб Мадинага келишди. Оиша разияллоҳу анҳонинг ҳужраларига, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига кириб борди.
Бу пайтда сарвари коинот саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тиллари тутилиб, сўздан қолган эдилар. Усома кириб келганини кўриб дуо аломати ила қўлларини само сари кўтардилар. Кейин Усомага қўйдилар. Бу кун касаллик ҳар ҳолда енгиллаган эди. Мусулмонлар жуда ҳам хурсанд бўлиб кетдилар. Усома яқин бориб, Шомга лашкар тортишга изн олди. Сўнг ўша Журф деган манзилда аскарларга етишиб, йўлга тушишга амр қилди.
Орадан ҳеч қанча кун ўтмай Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам Рафиқул аълога риҳлат қилдилар. Мусулмонлар саросимага тушиб қолишди. Тиллари бу машъум хабарни айтишга лол бўлиб қолди. ҳатто умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу бу хабарни эшитиб, ишонмади. Ким бу сўзни  айтса ёлғончига чиқарди. Фақатгина Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам кўриб, вафот этганларига аниқ ишонч ҳосил қилганидан кейин одамлар олдига чиқиб:
-   Кимки Муҳаммадга (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) ибодат қилган бўлса, Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафот этди! Кимки Аллоҳга ибодат қилган бўлса, Аллоҳ Тирикдир, У ўлмагайдир! – дея Аллоҳ таолонинг Каломини тиловат қилди:
وَمَا مُحَمَّدٌ إِلاَّ رَسُولٌ قَدْ خَلَتْ مِن قَبْلِهِ الرُّسُلُ أَفَإِن مَّاتَ أَوْ قُتِلَ انقَلَبْتُمْ عَلَى أَعْقَابِكُمْ وَمَن يَنقَلِبْ عَلَىَ عَقِبَيْهِ فَلَن يَضُرَّ اللّهَ شَيْئاً وَسَيَجْزِي اللّهُ الشَّاكِرِينَ
“Муҳаммад ҳам бир Пайғамбар, холос. Ундан аввал ҳам Пайғамбарлар ўтган. Агар у ўлса ёки қатл қилинса, орқангизга қайтасизми?! Кимки орқасига қайтса, Аллоҳга ҳеч зарар келтира олмас. Ва Аллоҳ шукр қилувчиларни мукофотлар”. (Оли Имрон. 144)
Буни эшитган ҳазрат Умарни оёқларида мадор қолмай йиқилиб тушди. У аввал бу оятни эшитмаган экан. Шундан сўнг Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақиқатан ҳам вафот этганларига иқрор бўлди.
Усома эса хабарни эшитибоқ, ортига қайтди. Қўшинни ҳам Мадинага қайтарди. Бу ёғига мўминларнинг ишлари нима бўлишига интизор бўлган ҳолда байроқни Оиша разияллоҳу анҳонинг ҳужрасининг эшигига ўрнатиб қўйди. Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳунинг халифа бўлишига байъат қилди. Халифанинг энг аввал қилган иши Усоманинг ишини амалга ошириш бўлди. Умар разияллоҳу анҳуга:
-   Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламиннг халифасининг олдига бориб, одамлар орасига қайтишимга рухсат сўраб беринг. Акс ҳолда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг халифаси мушрикларнинг ҳамласидан хотиржам бўла олмай қолиши мумкин, - деди.
Ансорлар ҳам Умар разияллоҳу анҳуни ўртага қўйишди:
-   Халифага айтинг, бизга Усомадан кўра бақувватроқ ва ёши каттароғини тайинласин.
Умар разияллоҳу анҳу бу сўзларни етказгач, Абу Бакр разияллоҳу анҳу Усоманинг таклифидан қаттиқ ғазабга келди.
-   Агар мени итлар ва бўрилар талаб кетсалар ҳам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам чиқарган ҳукмни асло ўзгартирмагайман! – деди. Ансорларнинг сўзини айтганидан кейин: - Онанг сени йўқотиб, сендан жудо бўлиб қолгур Умар! Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ишни бошлаб қўйган бўлса-ю, мен уни ташлаб қўйишимни буюряпасанми?!
Умар разияллоҳу анҳу лашкар олдига борди. Улар Абу Бакр разияллоҳу анҳу билан бўлган мулоқотнинг натижаси нима бўлганини сўрашди. Умар разияллоҳу анҳу уларга:
-   Ҳой, оналарингиз сизларни йўқотиб, топилмай қолгурлар! Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг халифасига сизларнинг масалангизда учрамадим! – деб қўя қолди.
Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Усомани лашкарбоши қилиш ҳақидаги васиятини ана шундай қилиб адо қилди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам буюрган ишга хилоф иш қилишни хоҳламади. Эътирз билдирганлар ҳам бу ишга қарши чиқишмади.
Мусулмонлар Усома кўтарган байроқ остида жам бўлишиб йўлларига равон бўлишди. Абу Бакр разияллоҳу анҳу уларга ибрат қилиб, Усомани отга миндириб ўзи пиёда лашкарни кузатгани чиқди. Бундан ноқулай аҳволга тушган Усома:
-   Эй Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг халифаси! Ё Сиз ҳам отга миниб олинг, ёки мен ҳам пастга тушай! – деди. Халифа эса:
-   Аллоҳга қасамки, сен тушмайсан, мен минмайман! Оёқларим бирор соат Аллоҳ йўлида чанг бўлса нима бўпти?! Ҳолбуки, ғозийнинг ҳар бир босган қадами учун етти юз ҳасанот ёзилур, даражаси етти юз баравар кўтарилур ва етти юз гуноҳи ўчирилур!
Шундай қилиб, Абу Бакр разияллоҳу анҳу Усомани шунчалар ҳурматини бажо қилди. Умар разияллоҳу анҳуни эса маслаҳат ишлари учун Мадинада ўзи билан бирга олиб қолди. Усома разияллоҳу анҳу ҳазратабу Бакрнинг ишончини оқлаб, йигирма кунга қолмай Балқога етиб борди. Тез фурсатда катта зафар қозониб келиб,  мусулмонларнинг руҳиятини кўтарилди.


Йўл тадбири
Холид ибн Валид разияллоҳу анҳу Рум билан тўқнашиш учун Шом томон юзланди. Йўлда тўхтаб қолиш хатарли эди. Қандай қилиб йўлни қиқароқ қили, тонгла етиб бориш истагида йўл суриштирган эди, икки йўл топилди. Бири узоқ йўл, лекин бехавотир. Иккинчиси эса яқин йўл, бироқ ўта хатарли. Холид ибн Валид иккинчисини танлади. Бу фикрга Рофеъ ибн Умайр Тоий эътироз билдириб саркарданинг олдига келиб:
-   Эй Холид, Сиз отлиқ аскар ва юклар билан ўта олмайсиз. Аллоҳга қасамки, ҳар қандай отлиқ ҳам бу йўлдан ўтишдан қўрқади, чунки бу йўлда беш кеча сувсиз юришга тўғри келади, - деб маслаҳат берди.
-   Бундан бошқа чора йўқ, - деди Холид ибн Валид, - Буйруқни етказ!
-   Ундай бўлса сув захирасини кўпайтириш керак. Кимки имкон қилса, туясининг қулоғигача сувга тўлдирсин. Чунки йўл ҳалокатли, илло Аллоҳ сақласагина омон қолиш мумкин.
Холид ибн Валид лашкар билан кимсасиз саҳрода беш кун йўл юрдилар. Ҳар куни бир манзилга тушганларида тежамкорлик билан еб-ичишди. Кейин бир нечта туянинг қоринларини ёриб сувларни чиқаришди. Шундай тадбирлар билан соғ-омон кўзланган манзилга етиб олишди.


Абу Жаҳл ва бадавий
Абу Жаҳл ибн Ҳишом саҳро ўлкаларидан келган бадавийнинг туясини савдолашиб, арзимас пулга баҳолаб туриб олди. Шунчалик узоқ савдолашдики, бадавий тоқати тоқ бўлиб Абу Жаҳл айтган пулга сотишга мажбур бўлди. Кейин тўпланиб ўтирган Қурайш кишиларига бориб, унинг устидан шикоят қилди ва ҳаққини олиб беришларини сўради. Улар эса бадавийни беписандлик билан калака қилиш мақсадида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам томон ишора қилишди. Сарвар коинот саллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидда намоз ўқиётган эдилар.
-   Мана шу одам сенинг ҳақингни олиб бера олади, - дейишди.
Бадавий Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг танимас эди. Ёнларига бориб арзини айтди. Сўнг биргалашиб Абу Жаҳлнинг уйига бориб, эшик қоқдилар. Абу Жаҳл Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам чақирганини билиб ранглари ўчган ҳолда чиқиб, қалтираб қолди.
-   Бу кишининг ҳақини бер! – дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам. Абу Жаҳл дарҳол унинг пулини зиёдаси билан берди.
Мушриклар Абу Жаҳлнинг қўрқоқлик қилганларилан даҳшатга тушишди. Бу иши учун унга таъна қилишган эди, Абу Жаҳли жавоб берди:
-   Ҳой шўринг қурғурлар, Аллоҳга қасамки, у менинг уйимни чақирганида овозини эшитиб, қўрқинчдан даҳшатга тушиб қолдим. Шундай чиқиб қарасам, унинг боши томонида баҳайбат туя турган экан. Бунақа катта бошли, бунақа катта тишли туяни мутлақо кўрмаганман! Агар бош тортсам, у мени еб қўяр эди!


Умар ибн Хаттобнинг мусулмон бўлиши
Умар ибн Хаттоб қиличини яланғочлаган ҳолда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни ва асҳобларини излаб йўлга чиқди. Улар Сафо атрофидаги уйда тўпланиб ўтиришгани ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам, амакилари Ҳамза, абу Бакр Сиддиқ, Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳум билан биргаликда эркак ва аёл жами қирқ киши чамасида эканини эшитган эди.
Бу пайтда Қурайшлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни қатл қилган кишига мукофот ажратган эди. Умар ибн Хаттоб ҳам ана шу иш қасдида чиқди. Йўлда унга Наъим ибн Абдуллоҳ рўпара келиб қолди.
-   Эй Умар, қаёққа кетяпсан? – сўради у.
-   Динидан юз ўгириб, Қурайш халқига тафриқа солиб, етук инсонларни аҳмоққа чиқариб, динини айблаб, илоҳларимизни ҳақорат қилган Муҳаммадни ўлдирмоқчиман!
-   Аллоҳга қасамки, батаҳқиқ, сен ўзингни ғорат қилибсан, эй Умар! Бану Абдуманофни кўряпсанми? Сен Муҳаммадни ўлдирсанг улар сени ер юзида қолдириб қўядими?! Аҳли байтингга борсанг-чи, уларнинг ишларини кўрар эдинг!
-   Қайси аҳли байтим?
-   Куёвинг, амакингнинг ўғли Саъид ибн Зайд ибн Амр ва синглинг Хаттоб қизи Фотима. Аллоҳга қасамки, улар мусулмон бўлишган! Муҳаммаднинг динига эргашган. Ўшаларнинг олдига бор!
Умар синглиси ва куёвининг олдиларига борди. У жойда Хубоб ибн Арт Тоҳо сўраси ёзилган саҳифани ўқиётган эди. Умарнинг шарпасини сезиб, Хубоб парда ортига беркиниб олди. Фотима саҳифани олиб, сонининг остига яшириб қўйди. Умар уйга яқин келганида улар нимадир ўқиётганларини эшитишга улгурган эди.
-   Мен эшитган нарсам нима эди?!  Сўради Умар.
-   Ҳеч нарса эшитганингиз йўқ! – жавоб беришди эр-хотин.
-   Аллоҳга қасамки, сизлар Муҳаммаднинг динига эргашганингизнинг хабарини эшитиб қолдим! Шу гап тўғрими?! – сўради куёвидан.
Фотима эрини ҳимоя қилиб ўртага тушди. Уни бир урган эди, зарба теккан жой ёрилиб кетди. Шундан сўнг улар иқрор бўлишди:
-   Ҳа, мусулмон бўлдик! Аллоҳга ва Уиннг расулига имон келтирдик! Мана энди хоҳлаганингни қилавер!!
Ниҳоят синглисининг жароҳатида қон оқаётганини кўргач, ўафқати қўзиди, қилган ишига надомат қилди.
-   Ҳозирроқда ўқиган нарсангларни менга бир кўрсатинглар-чи? Нима экан у- Муҳаммад олиб келган нарса, бир кўрай-чи?
Умар хат ёзишни билар эди.
-   Йўқ, уни Сизга беришдан қўрқамиз, - дейишди.
-   Қўрқманглар, - деб албатта қайтариб беришликка илоҳалари номидан қасам ичди.
Шунда Фотима шоядки, Исломга рағбат қилиб қолса, деб умид қилди ва:
-   Эй акажон, Сиз мушриклигингиз сабабидан нажассиз. Буни эса таҳоратсиз ушлаб бўлмайди, - деди.
Умар ўрнидан туриб ғусл  қилди. Шундан сўнг Фотима Тоҳо сураси битилган саҳифани берди. Умар уни ўқиб:
-   Қандоқ ҳам гўзал ва мукаррам бу Калом! Қурайш шундан қочиб юриптими? Қурайшнинг ҳолига вой! – деб юборди. Унинг бу сўзларини эшитган Хубоб беркинган жойидан чиқди.
-   Эй Умар! – деди у, - Аллоҳга қасамки, Аллоҳ таоло Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дуоси билан сени хослаган бўлишлигини хоҳлар эдим. Чунки кеча мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Эй Аллоҳ! Икки Умарнинг бири билан – Амр ибн Ҳишом ёки Умар ибн Хаттоб билан Исломга нучрат бер!” деганларини эшитдим. Аллоҳга қасамки, эй Умар, сен ўзиб кета қол!
-   Эй Хубоб, мени Муҳамад (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ёнига етаклаб бор, Исломни қабул қилмоқчиман, - деди Умар ибн Хаттоб.
-   Улар Сафо яқинидаги Арқамнинг ҳовлисидалар.
Умар ибн Хаттоб қиличини ўйнатганча уларнинг олдиларига бориб эшик қоқди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳобларидан бири туриб, эшикнинг тирқишидан мўралаб:
-   Эй, Аллоҳнинг расули, бу Умар экан! Қиличини ўйнатиб турибди, - деди.
Ҳазрат Ҳамза ибн Абдулмутталиб сўз қотди:
-   Изн беринг, эй, Аллоҳнинг расули! Агар у яхшилик билан келган бўлса, боримизни нисор қилурмиз. Ёмонлик масадида келган бўлса, ўзининг қиличи билан чопиб ташлармиз!
-   Изн бер, унга! – дедилар Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам. Унга рухсат беришди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўринларидан туриб кутиб олдилар. Ридосининг этагидан ушлаб олқиш сўзларини айтдилар:
-   Эй Хаттобнинг ўғли! Қандай қилиб келдинг! Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сени фалокатга гирифтор қилмасдан бурун бас қилганингни кўрмоқдаман!
-   Эй, Аллоҳнинг расули! – деди Умар ибн Хаттоб, - Мен Аллоҳга, Унинг расулига ва расули Аллоҳ таолонинг ҳузуридан нима олиб келган бўлса шуларга имон келтириш учун келдим.
Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам такбир айтиб юбордилар. Уй аҳллари ҳам Умар ибн Хаттоб мусулмон бўлганига гувоҳ бўлдилар.
-   Эй, Аллоҳнинг расули! Исломни ошкор қилгани юборилдингизми ёки сир тутганими? – сўради Умар разияллоҳу анҳу.
-   Ошкор қилгани, - жавоб бердилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
-   Ундай бўлса махфийлик нечун?
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам, асҳоблари ва эндигина мусулмон бўлган Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳум, Каъбага бордилар. Умар разияллоҳу анҳу баланд овозда:
-   Эй Қурайш жамоаси! Кимки онаси боласидан жудо бўлиб, боласи етим, хотини бева қолишини истаса мана шу водий ортидан менга рўпара келсин! Чунки мен гувоҳлик берурман – Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ! Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳнинг расулидир! – деб овоза қилди.


Бўҳтон воқеаси
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қачон сафарга чиқишни ирода қилсалар аёллари ўртасида қуръа ташлар эдилар. Қуръа қайси бирига тўғри келса, ўшаниси билан чиқар эдилар. Одатдагидек Бани Мусталиқ ғазотига ҳам қуръа ташладилар. Қуръа Оиша разияллоҳу анҳога тўғри келди. Бирга сафарга йўл олдилар. Оиша разияллоҳу анҳо чодрага ўтирдилар. Одамлар чодрани кўтариб туяга жойладилар. Боғичларини боғлаб йўлга тушдилар.
Сафардан қайтиб, Мадинага яқин қолганида бир манзилда тўхтаб, кечанинг баъзи қисмини ўша жойда тунашга тўғри келди. Сўнг йўлга тушишга рухсат берилди. Одамлар йўлда давом этдилар. Ҳазрат Оиша разияллоҳу анҳо баъзи ҳожатлари учун чиққан эди. Бўйинларида маржон бўлиб, унда бир бўлак зуфор ҳам бор эди. Зуфор - Санъо яқинидаги Зуфар ҳунармандлари томонидан тешиб ясаладиган марзон бўлаги. Ҳожатдан қайтиш чоғида ўша маржон бўйнидан тушиб қолганини сезмай қолди. Чодрага боргандан кейин бўйнини пайпаслаб кўрса, маржон йўқ. Бу пайтда одамлар йўлга тушишни бошлашаётган эди. Оиша разияллоҳу анҳо келган ерига қайтиб бориб, излаб-излаб, охири маржонни топди. Одамлар туя тўхтаган жойга келишиб, Оиша разияллоҳу анҳо енгил бўлганидан, ичида одам бор, деган хаёлда чодрани кўтариб, туяга жойлаб, йўлга равона бўлишди. Ҳазрат Оиша жойига қайтиб келганида, ҳеч ким йўқ эди.
Бўлган воқеа ҳақида Оиша разияллоҳу анҳо ўзлари айтадилар:
“Рўмолимни ўраб, йўқлигимни билишса, мени олиб кетгани алабатта қайтиб келишади, деган ишонч билан, бир оз ёнбошладим. Аллоҳга қасамки, мен ёнбошлаб турган пайтимда Сафвон ибн Муаттал  Суламий ўтиб қолди. У баъзи ҳожатлари борлиги учун одамлар билан бирга тунамай. Одамлардан орқада қолган эди. Узоқдан менинг шарпамни кўриб қолиб, яқин келибди. Рўпарамда тўхтабди. Ҳижоб вожиб бўлишидан аввал кўрган эди. Мени кўриб:
-   Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун (яъни “албатта бизлар Аллоҳникимиз ва албатта биз Унга қайтажакмиз”)! Бу – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тахтиравондаги айли-ку! – деди.
Мен либосимга ўраниб олган эдим.
-   Аллоҳ раҳм қилсин, нима сабабдан қолиб кетдинг? – сўради у. Мен ҳеч сўз демадим. Туяни яқин олиб келиб, - Бунга мин! Ортимдан юрасан, - деди.
Мен туяга миндим. У туянинг арқонидан тортиб, одамларга етиб олиш учун шошиб йўлга тушди. Аллоҳга қасамки, тонг отиб, одамлар манзилга тушгунларигача уларга ета олмадик. Улар эндигина хотиржам етиб келганларида мени туяда етаклаб келган кишини кўриб, нима дейишса дейишди. Аскарлар оасида анча шов-шув бўлди. Лекин Аллоҳга қасамки, мен бу нарсаларни билганим йўқ эди.
Мадинага етиб келдик. Ҳеч қанча ўтмай анчагина оғир бетоб бўлиб қолдим. Менга ҳеч қандай хабарни етказишмади. Гап-сўзлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга ва отмагача етиб борган эди. Бироқ улар ҳам бу ҳақда ҳеч нарса демас эдилар. Фақатгина Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан келадиган баъзи илтифотлар тўхтаб қолган эди. Қачон хасталансам, менга меҳрибонлик қилиб, илтифотлар кўрсатар эдилар. Бу сафарги касал бўлишимда ўша марҳаматларни кўрмадим. Қачон олдимга кирсалар, онам менга қараб ўтирган бўлса:
-   Бунингизнинг ҳоли қандоқ? – деб қўяр, ундан бошқа сўз  айтмас эдилар, холос.
Мен ул зотнинг менга қилган бу жафоларини кўрганимдан кейин:
-   Эй, Аллоҳнинг расули! Менга изн берсангиз, онамнинг уйига борсам. Ўша жойда онам касалимга қараса, - дедим.
-   Хоҳишинг! - дедилар.
Онамнинг уйига бордим. Қарийб йигирма кунча касал бўлдим. Соғайиб кетгунимга қадар бўлган гаплардан ҳеч ҳам хабар топмадим. Бизлар ажамларда бўлгани каби ҳовлимизда ҳожатхона қилишга ўрганмаган араб халқи эдик. Биз уйда ҳожатхона бўлишини ёқтирмас, балки ёмон кўрар эдик. Ҳожат учун шаҳар теварагига чиқар эдик. Аёллар ҳар куни кечқурун ҳожатлари учун борар эдилар. Одатдагидек, мен ҳам кечаси Умму Мистаҳ ‒ Абу Руҳм билан бирга ҳожатим учун чиқдим. Унинг онаси Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳунинг холаси Сахрнинг қизи эди. У мен билан кетаётиб, кийимининг этагига ўралашиб, қоқилиб кетди ва: “Ҳа, бадбахт Мистаҳ!” ‒  деб юборди. Мистаҳ – лақаб бўлиб, асл исми Авф эди.
-   Аллоҳ ҳаққи, Бадрда қатнашган муҳожир инсон шаънига қандай ҳам ёмон сўз  айтасан-а! – дедим унга.
-   Эй Абу Бакрнинг қизи! Сенга гап-сўзлар етиб келмадими? – сўради.
-   Қандай гап-сўз?
Шундан сўнггина бўҳтон аҳлининг гапларидан хабардор бўлдим.
-   Шундай бўлдими? – сўрадим.
-   Ҳа. Аллоҳга қасамки, шундай бўлди!
Аллоҳга қасамки, ҳожатимни бажаришга ҳам мадорим қолмасдан қайтиб келдим. Аллоҳга қасамки, тўхтовсиз шунча кўп йиғладимки, ҳатто бу йиғилар жигаримни эзиб юборади деб ўйладим. Онамга айтдим:
-   Аллоҳ Сизни мағфират қилсин, нима дейишса дейишаверсин, менга бу ҳақда ҳеч нарсани эслатманг...
-   Тинчлан, қизалоғим! Аллоҳга қасамки, покдомон бўла туриб севимли кишисининг ҳузурида бошига кўплаб маломатлар ёғилган аёллар озми?
Кунлар ўтди. Одамлар бўҳтонни сўзлашаверди. Ниҳоят Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам одамлар қаршисида туриб хутба қилдилар. Алоҳга ҳамду санолар айтиб:
-   Эй одамлар! Кишиларга не бўлдики, менга аҳлимдан озор берурлар. Улар ҳақида ноҳақ сўзларни айтурлар! Аллоҳга қасамки, мен улардан яхшиликдан бошқасини билмасман. Шундай сўзларни яна бир киши ҳақида ҳам айтурлар-ки, у ҳақда ҳам яхшиликдан бошқа нарсани билмасман! Ҳобуки, у менинг уйларимдан бирортасига ҳам менсиз кирган эмас.
Али ибн Абу Толиб ва Усома ибн Зайдни чақириб, маслаҳатлашди. Шунда Усома мен ҳақимда яхши мақтовлар айтди. Али эса:
-   ‒ Эй Аллоҳнинг Расули! Хотинлар кўп-ку! Сиз ўрнига бошқасини олишга қодирсиз. Анави жориядан ҳам сўраб кўрсангиз нима гаплигини тасдиқлаб бериши мумкин.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Барирани чақириб ундан сўради. Али эса уни жуда ҳам қаттиқ уриб:
‒ Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларини тасдиқлайсанми?! – деди.
‒ Аллоҳга қасамки, мен у ҳақда яхшиликдан бошқасини билмасман! Мен Оишани ҳеч нарсада айблай олмайман. Магар мен хамир қилиб, унга қараб туришни тайёрлаган бўлсам, у ухлаб қолиб, қўйлар келиб хамирдан еб кетар эди.
Кейин Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнимга кирдилар. Менинг олдимда отам, онам ва бир ансория аёл бор эди. Мен йиғласам, у ҳам мен билан бирга қўшилиб йиғлар эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўтирдилар. Аллоҳга ҳамду санолар айтиб сўз бошладилар:
-   Эй Оиша! Батаҳқиқ, одамлар орасида сенгача етиб келган шу гап-сўзлар бўлди. Аллоҳга тақво қил! Мабодо одамлар айтаётганларидек ножўя иш қилиб қўйган бўлсанг, Аллоҳга тавба қил! Зеро Аллоҳ бандаларнинг тавбаларини қабул қилур.
Аллоҳга қасамки, бу сўзларни айтиб бўлганларидан сўнг кўз ёшларим бирдан тўхтаб қолди. Ҳатто бирор қатрасини ҳам сезмай қолдим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга жавоб берсалар, деб ота-онамга қарадим. Бироқ улар бир оғиз ҳам сўз айтмадилар. Аллоҳга қасамки, Қуронда мен ҳақимда масжидларда ва намозларда қироат қилинадиган оят нозил бўлишига ўзимни муносиб кўрган эмасман. Лекин Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уйқусида Аллоҳ мени оқлагувчи тушни кўришидан умидвор эдим.
Отам ва онам бирор оғиз сўз айтмаганларини кўриб уларга:
-   Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга жавоб бермайсизларми? – дедим.
-   Аллоҳга қасамки, биз нима деб жавоб беришни ҳам билмаймиз, - дейишди улар.
Яна кўз ёши тўкиб йиғладим ва:
-   Лекин мен Юсуфнинг отаси – Яъқуб алайҳис салом айтган сўзни айтурман:  “فَصَبْرٌ جَمِيلٌ وَاللّهُ الْمُسْتَعَانُ عَلَى مَا تَصِفُونَ  " “Энди, чиройли сабр қилмоқлик! Ва Аллоҳ ‒ сизлар сифат қилаётган ишлардан ёрдам сўралгувчи(зот)дур”, - дедим.
-   Аллоҳга қасамки, ҳали Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўтирган жойларидан турмасдан туриб, ваҳий келганда тутадиган шундай бир безовталик тутиб қолди. Аллоҳга қасамки, бу ҳолатдан асло чўчимадим ҳам, ташвишланмадим ҳам. Билдимк, мен оқландим. Ота-онам эса, Оишанинг жони тасарруфида бўлган Зотга қасамки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳолатларидан шу қадар қимир этмай қолишдики, ҳатто мен уларнинг жонлари чиқиб кетдими, деб ўйладим. Кейин Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам менга табассум қилиб:
-   Хушхабар, ҳой Оиша! Ана энди Аллоҳ азза ва жалла сенинг айбсизлигингни эълон қилди! – дедилар.
-   Биҳамдиллаҳ! – дедим.
Кейин одамларнинг олдига чиқиб, уларга хитоб қилдилар ва ушбу оятларни тиловат қилиб бердилар:
إِنَّ الَّذِينَ جَاؤُوا بِالْإِفْكِ عُصْبَةٌ مِّنكُمْ لَا تَحْسَبُوهُ شَرّاً لَّكُم بَلْ هُوَ خَيْرٌ لَّكُمْ لِكُلِّ امْرِئٍ مِّنْهُم مَّا اكْتَسَبَ مِنَ الْإِثْمِ وَالَّذِي تَوَلَّى كِبْرَهُ مِنْهُمْ لَهُ عَذَابٌ عَظِيمٌ
“Албатта, ифкни келтирганлар ўзингиздан бўлган бир тўдадир. Уни ўзингизга ёмонлик деб ҳисобламанг. Аксинча, у сиз учун яхшиликдир. Улардан ҳар бир киши учун ўзи қилган касбнинг гуноҳи бордир. Улардан (гуноҳнинг) каттасини кўтарган кимсага буюк азоб бордир”. (Нур. 11)


Мусулмонга ўхшаш дарахт
Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумо айтади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида эдик.
-   Менга мусулмон кишига ўхшаш бўлган, япроқларини ёзда ҳам, қишда ҳам тўкмайдиган, ҳар вақтда Раббисининг изни билан емишларини берадиган дарахтнинг хабарини беринглар, - дедилар.
Кўнглимда бу хурмо бўлса керак деган фикр келди, лекин Абу Бакр ва Умарни кўрдим, улар сўзламаяптилар. Шунинг учун мен ҳам айтишни хоҳламадим. Ҳеч нарса дейишмаганларидан кейин:
-   Бу – хурмо, - дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
Турганимиздан кейин Умарга:
-   Эй отажон! Аллоҳга қасамки, менинг кўнглимга у – хурмо деган фикр келган эди, - дедим.
-   Нима учун айтмадинг? – сўради.
-   Сизлар айтмаганларингизни кўрганим учун бирор нарса дейишни ёқтирмадим.
-   Агар айтсанг эди, менга ёқар эди, - деди Умар разияллоҳу анҳу”.


Аллоҳ кифоя қилди
Арбад ибн Робиъа билан Омир ибн Туфайл Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига киришди. Бири иккинчисига айтди:
-   Мен гап билан чалғитиб тураман, сен ўлдирасан.
Омир Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига кириб узоқ гаплашиб турди. Кейин чиқиб Арбаддан сўради:
-   Нега ҳеч нарса қилмадинг?
-   Унинг олдида бир нарса кўрдим, оёғи ерда, боши осмонда! Агар яқинлашсам, мени ҳалок қилар эди.
Аллоҳ таоло оят нозил қилди:
لَهُ مُعَقِّبَاتٌ مِّن بَيْنِ يَدَيْهِ وَمِنْ خَلْفِهِ يَحْفَظُونَهُ مِنْ أَمْرِ اللّهِ إِنَّ اللّهَ لاَ يُغَيِّرُ مَا بِقَوْمٍ حَتَّى يُغَيِّرُواْ مَا بِأَنْفُسِهِمْ وَإِذَا أَرَادَ اللّهُ بِقَوْمٍ سُوءاً فَلاَ مَرَدَّ لَهُ وَمَا لَهُم مِّن دُونِهِ مِن وَالٍ
“Унинг олдида ҳам, ортида ҳам таъқиб қилгувчилар бор. Улар уни Аллоҳнинг амри ила ҳифз қилиб турурлар. Албатта, то бир қавм ўзларини ўзгартирмагунларича, Аллоҳ уларнинг ҳолини ўзгартирмас. Агар Аллоҳ бирор қавмга ёмонликни ирода қилса, бас, уни қайтариб бўлмас ва улар учун Ундан ўзга валий ҳам йўқ. (Раъд. 11)
Арбадни чақмоқ урди. Омир эса Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга:
-   Бизларга – кўчманчилик, сизларга – ўтроқлик, - деди.
-   Сизларга – жилов! – дедилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам. Омир кетганидан кейин:
-   Эй Аллоҳ! Унга Ўзинг кифоя қил! – дедилар. Омирга бир ғудда (без) чиқди. Шу билан вафот этди.


Хиргойи
Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳунинг олдиларига одамлар келишди.
-   Эй мўминларнинг амири! – дейишди улар, - Бизнинг бир имомиз бор. Қачон намозидан фориғ бўлса қўшиқ айтади.
-   Ким у? – сўради Умар разияллоҳу анҳу. Улар унинг исмини айтишди. – Қани туринглар, бирга унинг олдига борамиз!
-   Агар биз борсак, бизни пойлоқчилик қилибди деб ўйламасин, - узр сўрашди улар. Шунда умар разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан бир жамоат билан бирга ўша одамнинг излаб боришса, масжидда экан. Умар ибн Хаттобни кўриб, ўрнидан туриб истиқболига чиқди.
-   Эй мўминларнинг амири! Бизга нима хизмат бор? Нима сабаблар билан келдингиз.? Агар бизнинг  бирор ҳожатимиз бўлса, Сиз келганингиздан кўра биз ўзимиз боришимиз муносиб бўлади. Агар Сизнинг бизга ҳожатингиз бўлса, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг халифасининг ҳурматидан таъзимда бўлишимиз лойиқроқ бўлур,. – деди.
-   Шўринг қурғур! Менга сен ҳақингда ёмон гаплар етиб келди!
-   У нимадир, эй мўминларнинг амири!
-   Ибодатингда ҳам беодоблик қилурмисан?!
-   Йўқ, эй мўминларнинг амири! Лекин ўзига насиҳат қилурман.
-   Қани, айт-чи. Агар гўзал сўзлар бўлса, сен билан бирга айтурман. Хунук сўзлар бўлса, сени ҳам vан қилиб қўюрман!
-   Ҳар қачон кўнгилни койисам
Ҳижрон узунлигин,  чарчашим/толишим/ ғайратим/ сиқилишим/ мушкуллиги/ жонсараклигим/     .... тилайди/ истайди/ ўйлаб кўради/ қасд қилади/ бузуқлик қилади/  эзади/ хафа қилади/
Дунёни кўрдимки, бошдан охиригача кўнгилхушликдан бошқа нарса эмас экан.
Мени азоблади/ қийнади/ ташвишга солди/ безовта қилди/ халақит берди
эй ёмонликларнинг ҳамроҳи, бу қандай сабо/ мойиллик, муҳаббатдан бошқаси эмаским,
умр ҳам шу каби ўйиндир.
Вовайлоким, мени ҳаргиз кўрмадим ўзимни
На бир яхшиликда, на бир одобда.
Эй нафсим, бўлмагин, ҳаво ҳам бўлмаган
Кузатувчи мавлом, /ҳамроҳим/ ёрдамчим/ иттифоқчим, пинҳоним/ қўрқитгувчим  ва даҳшатга солгувчим.

Ҳар қачон кўнгилни итоб қилсам
Ҳижрон йўли бунча узун деб
Машққатим эзар юракни.
Кўрдимки мени азобларга гирифтор қилган бу дунё
бошдан охири  кўнгилхушликдан бошқаси эмас.
Эй гуноҳларга гирифтор бўлган кўнгул,
Бу дунё бир сабо кабидур, умр ҳам шундоқдир, ўйин кабидир.
Вовайлоким, ўзимни ҳаргиз кўрмадим на яхшилик, на бир одобда!
Эй нафсим, иштиёқларим менинг йўлбошим, ҳамроҳим ва охират азобларидан қўрқитгувчим бўлмагани каби сен ҳам овора бўлма!

Умар разияллоҳу анҳу унниг бу хонишини эшитиб, ўзи ҳам у билан бирга жўр бўлиб хиргойига қўшилди. Сўнг даврадагиларга қараб:
-   Ким хиргойи қилса, шундай қилсин! – деди.


Валид ибн Муғира
Валид ибн Муғира Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга Қурондан қироат қилиб берган эдилар, кнгли юмшагандек бўлди. Бу хабар абу Жаҳлга етиб борди. У Валиднинг олдиларига келиб:
-   Эй амаки! Сен қайтиб Муҳаммаднинг олдига бормаслигинг ва унинг сўзларига қулоқ солмаслигинг учун Қавминг сенга бир қанча мол-дунё тўплаб бермоқчи бўляпти, - деди.
-   Қурайш яхши билади-ку, уларнинг ичида энг мол-дунёси кўпроқ инсон эканлигимни, - деди Валид.
-   Ундай бўлса Муҳаммад ҳақида бир сўз айтгинки, қавминг ҳақиқатан уни ёмон кўрар экан, дейишсин.
-   Нима ҳам дер эдим? Аллоҳга қасамки, ораларингизда шеърни менчалик биладигани йўқ! Мушоирада ҳам, қасидада ҳам, жинларнинг шеърлари ҳақида ҳам мендан кўра билимдонроғингиз йўқ! Аллоҳга қасамки, Муҳаммаднинг айтган сўзлари булардан биронтасига ҳам ўхшамайди. Аллоҳга қасамки, унинг айтган сўзлари қандай ҳам ҳаловатли! Бу сўзлар қандай ҳам латофатли! Унинг шохлари сермева, илдизлари серҳосил! У тобора ўсиб боражак, ундан ҳеч нимарса ўта олмас! У ўзидан тубандагиларни чилпарчин қилур!
-   У ҳақида бирор гап айтмагунингча қавминг сендан рози бўлмагай!
-   Ундай бўлса ўз ҳолимга қўй, бир ози фикрлаб кўрай, - деди Валид.
Шундан сўнг Қурони каримдаги ушбу оятлар нозил бўлди:
* إِنَّهُ فَكَّرَ وَقَدَّرَ * فَقُتِلَ كَيْفَ قَدَّرَ * ثُمَّ قُتِلَ كَيْفَ قَدَّرَ * ثُمَّ نَظَرَ * ثُمَّ عَبَسَ وَبَسَرَ * ثُمَّ أَدْبَرَ وَاسْتَكْبَرَ * فَقَالَ إِنْ هَذَا إِلَّا سِحْرٌ يُؤْثَرُ * إِنْ هَذَا إِلَّا قَوْلُ الْبَشَرِ * سَأُصْلِيهِ سَقَرَ * وَمَا أَدْرَاكَ مَا سَقَرُ * لَا تُبْقِي وَلَا تَذَرُ * لَوَّاحَةٌ لِّلْبَشَرِ * عَلَيْهَا تِسْعَةَ عَشَرَ *

“Албатта, у тафаккур қилди ва чамалаб кўрди. Лаънат бўлсин унга, қандоқ ҳам чамалаб кўрди! Сўнгра яна лаънат бўлсин унга, қандоқ ҳам чамалаб кўрди. Сўнгра назар солди. Сўнгра юзини буриштирди ва қовоғини солди. Сўнгра юз ўгирди ва такаббурлик қилди. Бас, бу асар қолган сеҳрдан ўзга ҳеч нарса эмас. Бу башар сўзидан ўзга ҳеч нарса эмас, деди. Тезда уни сақар (дўзахи)га киритаман. Ва сақар нималигини сенга нима билдирди? У (сақар) боқий қолдирмас ва тарк ҳам қилмас. У терини кўп куйдирувчидир. Унинг устида ўн тўққизта (фаришта) бордир”. (Муддассир. 18 – 30)
Валид бу оятларни эшитиб, фаришталарнинг саноғи ўн тўққизта эканлиги учун қавмидан:
-   Мен бир ўзим ўнтасига кифоя қиламан, қолган тўққизтасига сизлар кифоя бўла оласизларми? – деб сўради.
Аллоҳ таоло унинг кибри, мақтанчоқлиги ва ғурурини рад этиб оят нозил қилди:
وَمَا جَعَلْنَا أَصْحَابَ النَّارِ إِلَّا مَلَائِكَةً وَمَا جَعَلْنَا عِدَّتَهُمْ إِلَّا فِتْنَةً لِّلَّذِينَ كَفَرُوا لِيَسْتَيْقِنَ الَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ وَيَزْدَادَ الَّذِينَ آمَنُوا إِيمَاناً وَلَا يَرْتَابَ الَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ وَالْمُؤْمِنُونَ وَلِيَقُولَ الَّذِينَ فِي قُلُوبِهِم مَّرَضٌ وَالْكَافِرُونَ مَاذَا أَرَادَ اللَّهُ بِهَذَا مَثَلاً كَذَلِكَ يُضِلُّ اللَّهُ مَن يَشَاءُ وَيَهْدِي مَن يَشَاءُ وَمَا يَعْلَمُ جُنُودَ رَبِّكَ إِلَّا هُوَ وَمَا هِيَ إِلَّا ذِكْرَى لِلْبَشَرِ
“Дўзах соҳибларини фаришталардан қилганимиз ва уларнинг адади ҳам фақат кофирларни санаш учундир. Китоб берилганлар ишонч ҳосил қилишлари учундир. Ва иймонлиларнинг иймони зиёда бўлиши учундир. Китоб берилганлар ва мўминлар шак-шубҳа қилмасликлари учундир ва қалбларида касали бор(мунофиқ)лар ва кофирлар, Аллоҳ бу билан нима мисолни ирода қилмоқчи, дейишлари учундир. Шундоқ қилиб Аллоҳ хоҳлаган кимсани адаштирадир ва хоҳлаган кимсани ҳидоятга соладир. Роббингнинг аскарларини Ўзидан бошқа ҳеч ким билмайдир. Ва у (дўзах) башарият учун эслатмадан ўзга ҳеч нарса эмасдир”. (Муддассир. 31)



Шайх Аҳмад Муҳаммад Ассофнинг “Қабасотун мин ҳаётир-Расул” китобидан таржима қилинди.

   Шаҳобиддин ПАРПИЕВ
   Асака туман бош имом хатиби


Qayd etilgan