Назрга вафо
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг набиралари Ҳасан ва Ҳусайн разияллоҳу анҳумо бетоб бўлиб қолдилар. Али разияллоҳу анҳу уларнинг тузалишиб қолишини Аллоҳдан сўраб, уч кун рўза тутиб беришни назр қилди. Бу сўзни эшитиб Фотима разияллоҳу анҳо ҳам уч кун рўза тутишни назр қилди. Сўнг Ҳасан ва Ҳусайнлар ҳам, уларнинг жориялари ҳам шундай деб назр қилдилар.
Аллоҳ таоло марҳамат қилиб Ҳасан ва Ҳусайнлар тезда шифо топиб кетдилар. Хонадон аҳллари ваъдаларига мувофиқ рўза тутдилар. Қарасалар, ифторлик қилгани егулик қолмабди. Уларнинг Шамъун исмли яҳудий қўшнилари жундан ип йигириш билан шуғулланар эди. Ҳазрат Али унинг олдига чиқиб:
- Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизига уч соъ арпа унни эвазига ип йигириб беришга жунлардан берасанми?
- Майли, - деди Шамъун ва жундан берди.
Али разияллоҳу анҳу Фотима разияллоҳу анҳога жун ва арпа унни олиб уйга кирди. Фотима разияллоҳу анҳо жундан ип йигирди. Арпа ундан бир соъ олиб хамир қорди. Сўнг ўша хамирдан хонадон аҳлининг ҳар бирига биттадан беш дона нон ёпди. Ифтор маҳал дастурхон солиниб, ҳаммалари жамул-жам бўлиб ўтирдилар. Али разияллоҳу анҳу эндигина нонни синдириб оғзига олиб келган эди ҳамки, бир мискин эшик олдига хайр-эҳсон сўраб келиб қолди:
- Ассалому алайкум, эй Муҳаммад алайҳис саломнинг аҳли байтлари! Мен бир мискин мусулмон инсонман. Аллоҳ сизларни жаннат дастурхонига меҳмон айласин, тановул қилаётган таомларингиздан менга ҳам беринглар.
Али разияллоҳу анҳу оғзига олиб борган луқмани дарҳол қайтарди. Фотима разияллоҳу анҳога ҳам ишора қилиб, дастурхонда борини йиғиштириб, мискинга бериб юбордилар. Кун бўйи рўзадор бўлган хонадон аҳллари сувдан бошқа нарса истеъмол қилмай оч-наҳор тонг оттирдилар.
Эртасига арпа уннинг яна бир қисмини хамир қилиб, яна кечагидек хонадон аҳлларига биттадан бешта нон ёпди. Назрларига кўра иккинчи кун рўзаларини тутдилар. Яна ифторга ўтиришган вақтларида кимдир чақириб қолди:
- Ассалому алайкум, эй Муҳаммад алайҳис саломнинг аҳли байтлари! Мен бир етим, мусулмон инсонман. Аллоҳ сизларни жаннат дастурхонига меҳмон айласин, тановул қилаётган таомларингиздан менга ҳам беринглар.
Али разияллоҳу анҳу оғзига олиб борган луқмани дарҳол қайтарди. Фотима разияллоҳу анҳо ҳам дастурхонда борини йиғиштириб, мискинга бериб юбордилар.
Эртасига хонадон аҳллари яна рўза тутишди. Фотима разияллоҳу анҳо уннинг қолганини хамир қилиб, хонадон аҳлларига биттадан бешта нон ёпди.
Бу сафар ифторлик пайтида бир асир келиб қолди:
- Ассалому алайкум, эй Муҳаммад алайҳис саломнинг аҳли байтлари! Бизни кофирлар асир қилиб олишди. Боғлаб қўйиб ҳеч нарса беришмади.
Дастурхонда борини йиғиштириб, мискинга бериб юбордилар. Кун бўйи рўзадор бўлган хонадон аҳллари бу кеча ҳам оч қолдилар.
Али разияллоҳу анҳу ўғилларини олиб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдига бордилар. Болалар очликдан қалтирар эди. Уларнинг ҳолларини кўриб Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
- Эй Абу Ҳасан, анча машаққатга дучор бўлибсиз. Юринглар, қизалоғимнинг олдига борайлик, дедилар.
Улар борсалар, Фотима разияллоҳу анҳо меҳробда дуога машғул бўлиб турган экан. Очиликдан қорни бучкайиб, кўзлари ичига кириб қолган эди. Қизининг ҳолатини кўриб:
- Эй Худойим! Муҳаммаднинг аҳли очликдан ўлар ҳолатга етибди-ку! – дедилар.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам сўзларини тугатар-тугатмас, Руҳул амин ваҳий келтириб қолди. Аҳли байтнинг шаънини улуғлагувчи оятлар нозил бўлди:
“Улар назрларини тўла адо қилурлар ва ёмонликлари кенг ёйилгувчи бўлган Кундан қўрқурлар. Ва таомни яхши кўриб турсалар-да, мискин, етим ва асирларни таомлантирурлар. (Улар айтурлар): “Биз сизларни ёлғиз Аллоҳнинг важҳи учун таомлантирурмиз. Сизлардан бирон мукофот ва миннатдорчилик истамасмиз. Албатта бизлар Парвардигоримиз томонидан бўладиган, (даҳшатли азобидан юзлар) тиришиб, буришиб қолгувчи бир Кундан қўрқурмиз”. Бас, Аллоҳ уларни ўша Куннинг ёмонлигидан сақлади ва уларга жилва, сурур баxш этди. Ва уларни сабр-қаноатлари сабабли жаннат ва ипак (либослар) билан мукофотлади”. (Инсон. 7 – 11)
Асака туманидаги Икром ҳожи жомеъ масжиди имом хатиби Ҳусанбой Сотволдиев