Охират учун шартнома
Ҳазрат Умар Қурайш қабиласининг Бану Адий уруғидан. Жоҳилият даврида қабиланинг элчиликка масъул кишиси бўлган. Фил йилидан ўн уч йил ўтиб туғилган. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламга нубувват келганида йигирма етти ёшда бўлган ва нубувватнинг олтинчи йили Исломни қабул қилган. Мўминлар амири бўлганида эллик икки ёшда эди. Унинг амирлик даври ўн йилу олти ою тўрт кун давом этган. Олтмиш икки ёшида вафот этган. Отаси Хаттоб Қурайш бошлиқларидан, онаси Ҳамна бинти Ҳошим эди. Аммасининг ўғли Валид ибн Муғира Холид ибн Валиднинг отаси бўлган.
Умар разияллоҳу анҳунинг адолати нафақат Ислом оламида, балки ғайридинлар орасида ҳам афсонага айланган. Шунчалик даражада адолат ўрнатганларки, ҳатто у зот адолат тимсоли бўлиб қолган.
Шунингдек, Умар разияллоҳу анҳу ўта Ислом учун, Аллоҳ учун қаттиққўл, шунинг баробарида меҳрибон ва тақвоси ҳам мислсиз даражада эди. Одатига кўра яёв кезиб юрт айланар ва йўқсулларнинг ҳолидан хабар олар, кимки машққатга тушиб қолган бўлса, аввало ўзини айбдор санар эди. Иттифоқо, Шом шаҳридан Мадинага қайтаётиб бир кампирга йўлиқиб қолди. Кампир Умар разияллоҳу анҳуни танимай сўради:
- Умар нималар қиляпти?
- Шомдан Мадинага қайтяпти, – жавоб берди ҳазрат Умар.
- Аллоҳ унга яхши мукофот бермасин!
- Нима учун?
- Аллоҳга қасамки, у мўминларга волий бўлганидан буён мен ундан бирор яхшилик кўрмадим!
- У сендан олисда бўлса, сенинг ҳолингни қаёқдан билади?
- Мўминларга волий бўлган киши уларнинг ҳаммасидан хабардор бўлиши керак деб ўйламайман!
Умар разияллоҳу анҳу йиғлади. Сўнг ўзига ўзи: “Эҳ Умар! Ҳар бир инсон, ҳатто мана шу кампир ҳам сендан кўра фаҳмлироқ экан!” деб, кампирга юзланди:
- Эй Аллоҳнинг канизаги! Умарни дўзах азобидан қутқариб қолишим учун унг устидан қилган шикоятингни неяа пулга сотасан?
Кампир ҳайрон бўлиб:
- Аллоҳ сенга раҳм қилсин, мени масхара қиляпсанми? – деб сўради.
- Мен сени масхара қилмаяпман!
Ҳазрат Умар қўярда қўймай шикоятни йигирма беш дирҳамга сотиб олиб турган эди Али ибн Абу Толиб билан Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳумо келиб салом беришиб қолишди:
- Ассалому алайкум, мўминларнинг амири!
Кампир бошини ушлаб:
- Вой шўрим! Мўминларнинг амрини ўзининг олдида сўкиб юборибман-ку!
Умар разияллоҳу анҳу уни тинчлантириб:
- Аллоҳ сенга раҳм қилсин, зарари йўқ, – деди ва хат ёзгани варақ сўраган эди, топилмади. Сўнг кийимининг ямоғидан қирқиб олиб шундай ёзди: “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Ушбу хат Умар волийлик қилганидан то шу кунга қадар фалон аёлнинг Умарнинг устидан қилган шикоятларини йигирма беш дирҳамга сотиб олиш шартномасидир. Энди бу аёл Маҳшар кунида Аллоҳ таолонинг ҳузурида турганда Умарга даъво қилмагай. Гувоҳлар - Али ибн Абу Толиб ва Абдуллоҳ ибн Масъуд”
Сўнг Умар разияллоҳу анҳу бу хатни ўғлига топширди ва: “Қачон мен вафот этсам шу хатни кафанимга қўшиб кўм. Токи Раббимга шу хат билан йўлиқай” деб тайинлаб қўйди.
Ҳусанбой Сотволдиев. Асака т. "Икром ҳожи" жоме масжиди имом хатиби