Бошқа исрофлар
Исроф деганда фақат маблағ, ёки бойлик ёки мол-мулкни ноўрин жойларга совуришгина эмас, балки вақтни беҳуда кетказиш, фойдали ишларга сарфламаслик ҳам исроф саналади.
Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳи айтадилар: “Ҳар кун тонг ёришганда Аллоҳ таоло томонидан бир жарчи: “Эй Одам боласи! Мен янги кунман. Сенинг барча амалингга гувоҳман. Мендан бу кунда солиҳ амаллар қилиб, фойдаланиб қол, чунки мен то қиёматгача сенга қайтмайман”, ‒ деб жар солади”.
Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари марҳамат қиладилар: “Ким вақтини зое кетказса, вақт унинг душманига айланади, нафаснинг зое бўлишига йўл қўйманг ва ундан эҳтиёт бўлинг”.
Куч-қувват ва салоҳиятни эл-юртга ёки ўзига фойда келтирмайдиган нарсаларга йўллаш ҳам исрофдир.
Не-не машаққатлар ила топган мол-мулкини беҳуда йўллар билан ўринсиз жойларга сарфлаш ва исроф қилиш қаторига фақтгина одамлар орасида фахрланиш учун ҳожатдан ташқари қўша-қўша қимматбаҳо машиналар, кийимлар, шоҳона кошоналарга эга бўлиш, қарзу ҳаволалар қилиб серҳашам, дабдабали тўй ва маърака қилиш ҳам киради. Натижада улар ўзлари билмаган ва кутмаган ҳолда ғам-ғусса балосига мубтало бўлиб, дунё ва охиратларини қўлдан бой берадилар, натижада қарзга ботадилар. Ҳазрати пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) қарздорликни нақадар улкан офат экани ҳақида огоҳлантириб шундай деганлар:
“Қарздорликдан сақланинглар, чунки у кечаси сизларга ғам-ғусса, кундузи хорлик бўлади”.
Абдуллоҳ ибн Умар ривоят қиладилар: “Мен ҳазрати пайғамбаримиз Муҳаммаддан (с.а.в) шуларни эшитганман:
“Гуноҳни оз қил, ўлишинг енгил кечади. Камроқ қарздор бўл, озод яшайсан!”
Маҳмуджон АБДУРАҲИМОВ. Асака туманидаги “Пастки Қурама” масжиди имоми
Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ. Холид ибн Валид масжиди муаззини