Эр масъулияти
Оиланинг тинч, фарзандларнинг бахтли бўлишлигида эр-хотиннинг ҳар иккиси ҳам оиладаги ўз бурчларини астойдил адо этишга интилишлари муҳимдир. Эр ўз ўрнини йўқотган, хотин эса, эрнинг мавқесига даъвогарлик қилган оилаларда нафақат нотинчлик бўлади балки, эл-юрт, маҳалла кўй орасида ҳам бундай оиланинг ҳурмати бўлмайди. Оилани бошқариш масъулиятини Аллоҳ таоло Қуръони каримда эркакларнинг зиммасига юклаган.
Шариатимизда эрнинг аёли олдида молиявий ва маънавий вазифалари бор. Молиявийлари асосан уч қисмга бўлинади:
Биринчиси, аёлига маҳр бериш. “Маҳр” ақди никоҳ ёки эру хотинлик муомаласи бўлиш билан эр зиммасига юкланадиган, хотинга бериш лозим бўлган молдир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
وَآَتُوا النِّسَاءَ صَدُقَاتِهِنَّ نِحْلَةً فَإِنْ طِبْنَ لَكُمْ عَنْ شَيْءٍ مِنْهُ نَفْسًا فَكُلُوهُ هَنِيئًا مَرِيئًا (سورة النساء/4 .(
яъни: “Хотинларга маҳрларини мамнунлик билан берингиз! Агар сизларга ўзлари ундан бирор нарсани ихтиёрий равишда кечса (берса)лар, сизлар уни бемалол, иштаҳа билан тановул қилаверингиз”. (Нисо сураси, 4-оят).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳу васаллам маҳр борасида шундай марҳамат қиладилар:
عَنْ سَهْلِ بْنِ سَعْدٍ السَّاعِدِي رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ النَبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لِرَجُلٍ أَرَادَ الزَّوَاجَ: "اِلْتَمِسْ وَلَوْ خَاتَمًا مِنْ حَدِيْدٍ" (متفق عليه).
яъни: Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳу васаллам: “Темирдан бўлса ҳам бир узик топинг”, деганлар (Муттафақун алайҳ).
Иккинчиси, аёлини озиқ-овқат ва кийим-кечак билан таъминлаш.
Дарҳақиқат, эркакларнинг зиммасига аҳли аёл нафақаси фарздир. Бу хусусда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи вассаллам ҳадисларининг бирида:
عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرِو بْنِ الْعَاصِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَفَى بِالْمَرْءِ إِثْمًا أَنْ يُضَيِّعَ مَنْ يَقُوتُ (رواه الامام أبو داود).
яъни: “Киши ўз қарамоғидагиларини нафақасиз ташлаб қўйиши унинг қаттиқ гуноҳкорлигига кифоя қилади”, дея марҳамат қилганлар, (Абу Довуд ривояти).
Аҳли-аёлга нафақа бериш энг муҳим ва савобли ишлардан эканлиги ҳақида Жобир розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
عَنْ جَابِرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَوَّلُ مَا يُوْضَعُ فِي مِيْزَانِ الْعَبْدِ نَفَقَتُهُ عَلَى أَهْلِهِ (رواه الامام الطبراني).
яъни: “Қиёмат куни тарозуда биринчи тортиладиган нарса кишининг аҳли-аёлига қилган нафақасидир” (Имом Табароний ривояти).
Шу билан бирга, аёли бемор бўлганда дори-дармон олиб бериш, шифокорга кўрсатиш кабилар ҳам эрнинг зиммасидаги вазифалардандир. Аёли касал бўлса, отасининг уйига олиб бориб қўйиш ҳолатлари ҳам кўпаймоқда. Соғлик пайтида уйдами, томорқадами, даладами ишлатиб, камига бозорга чиқариб, бетоб бўлиб ишга ярамай қолганида, парваришга муҳтож бўлиб турганда, ота уйига олиб бориб қўйиш, ортидан хабар олмаслик, меҳнатга ярайдиган бўлганда, олиб кетишлик инсофли эркакни иши эмаслигини унутмаслигимиз керак.
Учинчиси, аёлини турар жой билан таъминлаш. Аллоҳ таоло бу ҳақда Қуръони каримнинг Талоқ сурасида айтади:
أَسْكِنُوهُنَّ مِنْ حَيْثُ سَكَنْتُمْ مِنْ وُجْدِكُمْ (سورة الطلاق/6).
яъни: “Уларга (талоқ иддасини сақлаётган хотинларингизга) ўзларингиз маскан тутган жойдан тоқатингизга қараб жой берингиз” (Талоқ сураси 6-оят).
Энди эса, эрнинг аёли олдидаги маънавий вазифаларини баъзилари ҳақида тўхталиб ўтсак. Улар қуйидагилардир:
Биринчиси, аёли билан чиройлик муомалада бўлиш.
Аллоҳ таоло Ўз каломи шарифида қуйидагича марҳамат қилади:
وَعَاشِرُوهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ فَإِنْ كَرِهْتُمُوهُنَّ فَعَسَى أَنْ تَكْرَهُوا شَيْئاً وَيَجْعَلَ اللَّهُ فِيهِ خَيْراً كَثِيراً (سورة النساء/19 .(
яъни: “Улар билан тотув турмуш кечирингиз. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки,) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин” (Нисо сураси, 19-оят).
Иккинчиси, Аёлига эътиборли бўлиш.
Эркаклар ўз хотинига нисбатан ҳар томонлама эътиборли бўлишлари зарур. Ўз аёлига бепарволик оилада катта муаммолар чиқишига сабаб бўлиши мумкин. Одатда эридан меҳр ва эътибор кўрмаган аёлда эрига нисбатан ҳурматсизлик ва итоатсизлик ҳисси туғилади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу бу ҳақда шундай деганлар:
عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: إِنِّيْ أُحِبُّ أَنْ أَتَزَيَّنَ لِلْمَرْأَةِ، كَمَا أُحِبُّ أَنْ تَتَزَيَّنَ لِيَ الْمَرْأَةُ
(سنن البيهقي ومصنف ابن أبي شيبة).
яъни: "Мен учун хотиним қанчалик зийнатланиб юришини хоҳлаганимдек, мен ҳам у учун шундай зийнатланишни яхши кўраман" деганлар (Имом Байҳақий ва Ибн Абу Шайба ривояти).
Хотинга бепарволик катта жамият муаммоларига сабаб бўлиши мумкин. Оиладаги жанжалларнинг сабабларидан бири. Чунки аёлнинг эркакда моддий ҳақи бўлгани каби шахсий ҳақлари ҳам мавжуд. Асбот Садийдан ривоят қилишича Усмон ибн Мазъун аҳлига яқинлик қилмай қўйди.
Унинг хотини Оиша (разияллоҳу анҳо)нинг ҳузурларига кирди. Уни “Ҳавло” дер эдилар. Оиша разияллоҳу анҳо ва ёнларидаги Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёллари:
− Ҳой Ҳавло, сенга нима бўлди − рангларинг ўзгарган, сочларинг тароқ кўрмаган, ўзингга атир ҳам сепмагансан? – дедилар.
− Қандоқ қилиб ҳам ўзимга атир сепиб сочларимга тароқ солай, − жавоб берди Ҳавло. − Ҳолбуки, фалон-фалон пайтдан буён эрим менга на воқеъ бўлган ва на либосимни кўтариб қўйган бўлмаса!
Унинг сўзларидан кулиб юборишди. Улар кулишиб турган ҳолларида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам кириб келиб қолдилар.
− Сизларни нима кулдиряпти? – сўрадилар Ул зот саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
− Ҳавло кулдирди, эй Аллоҳнинг расули. Унинг ишини сўрасам “фалон-фалон пайтдан буён эрим либосимни кўтариб қўймаган бўлса!” деб жавоб берди, − дедилар Оиша разияллоҳу анҳо.
Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Усмонга одам юбориб чақиртириб келтирди ва:
− Сенга нима бўлди, эй Усмон? – дедилар.
− Мен ибодатга халал бермасин деб Аллоҳ учун тарк қилган эдим, − деб нима қилганлигини айтиб берди. Усмон ўзини ахта қилишни ирода қилган эди.
− Онт ичаманки, қайтиб бориб аҳлингга воқеъ бўласан! – дедилар жаноб саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
− Эй Аллоҳнинг Расули, мен рўза тутиб олган эдим?
− Рўзангни оч! Рўзангни оч! –дедилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
Шундан сўнг Усмон аҳлига борди...
Ҳавло Оиша разияллоҳу анҳонинг ҳузурига яна келди. Кўзларига сурма қўйган, сочлари таралган, ўзига атир суртган. Оиша разияллоҳу анҳо кулиб:
− Ҳа, Ҳавло! Сенга нима бўлди? – деб сўрадилар.
− Кеча ёнимга келди... − жавоб берди Ҳавло разияллоҳу анҳо.
Шундан сўнг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам (асҳобни йиғиб) айтдилар:
− Одамларга нима бўлдики, аёлларни, таомларни ва уйқуни ўзларига ҳаром қилиб оладилар?! Билиб қўйингларки, албатта, мен ухлайман ҳам, бедор ҳам бўламан! Рўза тутмайман ҳам, тутаман ҳам! Аёлларга яқинлик ҳам қиламан! Бас, кимки менинг суннатимдан (бошқага) рағбат қилса мендан эмас! − дедилар. (Тафсирий Табарий)
(Манба: жума тезислари ва “Никоҳ ришталари”)
Абдушукур Мирзақобулов. Асака т. "Сиддиқ ҳожи" жоме масжиди имом хатибининг ноиби