Mirzo Abdulqodir Bedil  ( 42276 marta o'qilgan) Chop etish

1 B


shoir  19 Iyun 2008, 13:01:09

Mirzo Abdulqodir Bedil



Muallif: Mirzo Abdulqodir Bedil
Hajmi: 351 Kb
Fayl tipi: pdf, zip
Saqlab olish
Online o'qish

Qayd etilgan


shoir  19 Iyun 2008, 13:01:30

Мирзо Абдулқодир БЕДИЛ

ШАВҚИНГНИ ЁД ЭТИБ


(ғазаллар ва рубоийлар)



ДЕБОЧА

Мирзо Абдулқодир Бедил — қиёси йўқ шоир, мутафаккир ва жамиятшунос олим, ўзига хос файласуфона қарашлар соҳиби бўлган инсондир. Асли Шаҳрисабзнинг барлос уруғидан бўлган шоирнинг ота-боболари Ҳиндистонга кўчиб бориб, ўша ерда турғун яшаб қолишган. Ҳиндистоннинг Азимобод шаҳри яқинидаги Патнада 1644 йилда ҳарбий хизматчи оиласида таваллуд топган Бедил 1720 йилнинг 5 декабрида Деҳлида вафот этади.
Отасидан етим қолган Абдулқодир онасининг қўлида тарбияланади. Унинг билим олишга бўлган чанқоқлигини сезган амакиси Мирзо Қаландар билан тоғаси Мирзо Зарифнинг яқиндан ёрдами туфайли саводини оширади, араб тили грамматикасини, ҳинд ва урду тилларини, сўфиёна қарашларни ўзлаштиради. Унинг тинимсиз интилишлари ва изланишлари ҳатто ўн ёшида ёзган илк рубоийларида яққол сезилиб, атрофидагиларни ҳайратга солади. Олтмиш ёшга борганида ёзган «Чор унсур» асарида ўзининг ҳаётига, таржимаи ҳолига ва дунёқарашига оид фикрларини баён қилган.
Йигирма ёшида биринчи марта шеърларини жамлаган Бедил умри давомида кўп йўлларни босиб ўтди. Халқ ҳаётини яқиндан ўрганди, замон эврилишлари ва мунофиқликларини кўрди, буларни ўз ижодида акс эттиришга, инсонларни доимо юксакликда, иттифоқлик ва меҳр-мурувватлиликда бўлишга чақирди, бу туйғуларни гоҳ ошкор, гоҳ кинояли, гоҳ ташбеҳлар воситасида қалбларга етказишга ҳаракат қилди...
Ниҳоятда сермаҳсул, тинмас ва изланувчан шоир бўлган Бедил катта мерос қолдирди. Унинг «Куллиёт»ига киритилган асарларининг ўзи 130 минг мисра шеър ва 50 босма тобоқдан ортиқ насрни ташкил этади. «Тилсими ҳайрат», «Таркибот ва таржеот», «Муҳити аъзам», «Тури маърифат», «Ишорат ва ҳикоят», «Руқаъот», «Чор унсур», «Ирфон», «Нукот», «Ғазалиёт», «Рубоиёт» каби бир қанча асарлари мавжуд.
Энг долзарб жанр ҳисобланган рубоийлар ёзишда ҳам Мирзо Бедил катта меҳнат қилди. Унинг 3861 рубоий ёзиб қолдир-ганини айтадилар.
Форс-тожик мумтоз шеъриятида Бедилнинг ўзигагина хос бўлган, заррада олам маъносини беришга интилган ва бунга кўпинча эришган шоирнинг кўпгина асарлари ҳар ўқилганида янги қирраларини кўрсатаверади, янгидан кашф этилаверади. Халқимизнинг бу буюк ватандошимизга бўлган меҳрини унга берилган «Абулмаоний» — «Маънолар отаси» деган фахрли лақабининг ўзи ҳам кўрсатиб турибди. Мумтоз Шарқ шеъриятининг биз катта ифтихор билан атайдиганимиз — Бедил чаманидаги анвойи гуллар дунё тургунича ўзининг тенги йўқ муаттар ҳидини сочиб тураверади, иншоолло!
Жонибек Субҳон
G’afur G’ulom nomidagi nashriyot matbaa ijodiy uyi, 2005 yil
 
МУНДАРИЖА

Ғазаллар
«Бўлибди ғамга ошён...» Э. Воҳидов таржимаси
«Заҳм ўлди яна чашми...» Э. Воҳидов таржимаси
«Паришон хотирим деб...» Э. Воҳидов таржимаси
«Ишқ доғи каби...» М.Абдулҳаким таржимаси
«Ёд этиб шавқингни...» М. Абдулҳаким таржимаси
«То туғилдим...» М. Абдулҳаким таржимаси
«Ёниқ матлабларим бергай...» М. Абдулҳаким таржимаси
«Токи чаман томонидан...» М.Абдулҳаким таржимаси
«Кўзларингга, тенгсизим...» М.Абдулҳаким таржимаси
«Зор қанот қоқсамки...» М.Абдулҳаким таржимаси
«Эй фазлу камолоти...» М. Абдулҳаким таржимаси
«Ёниқдил гавҳари...» М. Абдулҳаким таржимаси
«Сенсиз ташланса боғга...» М. Абдулҳаким таржимаси
«Шарҳ этиб мавж борлиғин...» М. Абдулҳаким таржимаси
«Икки кўз гавҳарингдан...» М. Абдулҳаким таржимаси
«Ҳақ дебон дил макрин...» М. Абдулҳаким таржимаси
«Чин камолот ихтиёр қилмоқчиман...» М. Абдулҳаким таржимаси
«Ғамларимни оҳ, қилиб таъсир...» М. Абдулҳаким таржимаси
«Кибр ила мардлик ғурурин...» М. Абдулҳаким таржимаси
«Ишқ аҳли агар...» М.Абдулҳаким таржимаси
«Оҳ, жилвасини анинг...» М.Абдулҳаким таржимаси
«Жунун, айт, қайдасан...» М.Абдулҳаким таржимаси
«Фоний бўлсам-да бақо...» М. Абдулҳаким таржимаси:   
«Кўз. ёшларимни мижжаларим...» М. Абдулҳаким таржимаси
«Ойна каби неча...» А. Маҳкам таржимаси
«Ул» демагимиз ҳам мену...» А. Маҳкам таржимаси
«Қазо бош хатига...» Ж. Субҳон таржимаси
«Амал найранги бор...» Ж. Субҳон таржимаси
«Агарки дил маҳви...» Ж. Субҳон таржимаси

Рубоийлар
1—439-рубоийлар. Ш. Шомуҳамедов таржималари
440—441-рубоийлар. Ғафур Ғулом таржималари
442—471-рубоийлар. Жамол Камол таржималари

 
ҒАЗАЛЛАР

* * *

Бўлибдир ғамга ошён маскани дил,
Шу боис ғам келур, сўрсам: қани, дил?

Кўзим мақсуди васлинг-у, қани кўз,
Дилим ёди ғаминг, аммо қани дил?

Адашган корвонга қўнғироқчам,
На куйлар куйламасдан нолани дил?

Киши йўқдир кишига зору муҳтож,
Вале дил тутганидир домани дил.

Қадам қўйганда хоки турбатимга
Бўл огоҳким, оёғинг босгани дил.

Агар-чи сувратим Бедилдир, аммо
Қилур бошдин-оёқашким мани дил.

* * *

Заҳм ўлди яна чашми пуроб ўлди, бизим дил,
Рангин қадаҳ ичра қон шароб ўлди, бизим дил.

Гулбоғу чаман фаслида тош ўлса у кўнгил,
Дашт узра ғубор ўлса-да, об ўлди, бизим дил.

Васл анжумани ичра ҳаё жом бўлибдур,
Об ўлса агар бодаи ноб ўлди, бизим дил.

Не ҳосил, аё нола, бул оташ нафасингдан,
Қон бўл, сени деб бўйла кабоб ўлди, бизим дил.

Бир чашма-ку тўфони хаёл ичра бу олам,
Бедил, на илож, эмди сароб ўлди, бизим дил.

* * *

Паришон хотирим деб ғам яралмиш,
Яна чашмим туфайли нам яралмиш.

Қилур мавж гавҳару оина жавҳар,
Ажаб, беорзу дил кам яралмиш.

Атарлар ғунча поймолини гул деб,
Не ҳол, шодлик аро мотам яралмиш.

Сабо тўзғитгудек бир кафт тупроқ
Қўшилгач қон ила, одам яралмиш.

Қошимга келса гар фармони таслим,
Эгилгум, қошим асли хам яралмиш.

Агар хешлик учун пайдо бу олам,
Менинг кўнглимга кўнглим ҳам яралмиш.

Дилнинг дардига йўқдир чора, Бедил,
Бўлиб соҳибмуҳр Ҳотам яралмиш.

* * *

Ишқ доғи каби нурга ниқобдир, юрагим,
Ойина каби дард ила софдир, юрагим.

Ҳар лаҳза бир ухлаб яна тез уйғонадур,
Ҳар дам иши роҳат ва азобдир, юрагим.

Мавжланганидан ким ани сарчашма демиш,
Сарчашма эмас, асли саробдир, юрагим.

Паймонаси лим тўлди бўлиб пайдо шаҳд,
Мулкингда умрдоши ҳубобдир, юрагим.

Кел!.. Ўт бер, алангамни томоша айла,
Лов ёнмаса, умри не ҳисобдир, юрагим.

Сен сўрадинг, бердим юлиб кўксимдан,
Лаълинг бу савол, унга жавобдир, юрагим.

Шабнам каби сув оламидандир гоҳи,
Гоҳ мисли қадаҳ ичра шаробдир, юрагим.

Умрим неча дам? Тинмай урар билмакка,
Чин касби саноқ, кори ҳисобдир, юрагим.

Умримни хаёл этсам, ҳеч йўқдир самари,
Ёнғин нафасим, шунга кабобдир, юрагим.

Кўз-кўз қиладир дарё пуфакларни неча,
Васл кўзгусиман, аммо ҳижобдир, юрагим.

Тош ойинаву, томчи гуҳар бўлди, бироқ
Афсус, ҳамон хонахаробдир юрагим.

Минг томир ила чирмади ғафлат, гарчи,
Бедил, неча ҳикматга китобдир, юрагим.

* * *

Ёд этиб шавқингни, синган хаста диллар шоддир,
Шиша дилларга бу чил-чиллар муборакбоддир.

Оҳ ва кўз ёшим эгиз, мен бир ажиб миробман,
Шу шамол, бу сув билан дард боғларим ободдир.

Ғафлат ичра мен ҳаётни меҳрибон билдим ғалат,
Ҳар дамим қўш тиғли ханжар, умр эса жаллоддир.

Ҳайратим оғзи метин, юмшоқдир ундан тоштухум,
Фолбоқар ойнам синиб, бунданки у зурёддир.

Умр қушим парвози тинди шиша кўнглим ичра, оҳ,
Тип-тиниқ ушбу қафаснинг соҳиби сайёддир.

Зору муҳтожмиз агар-чи, биз қаноат бир-ла бой,
Ташна дил қонғайму ҳеч, дунё саробободдир.

Бўлди булбул нозга тутқун, ҳолбуки, бир урса пар,
Кўркиданмас гул, ўзидан ҳам ўзи озоддир

Ақлу ҳуш жоми синиқ, ундан саломатлик оқар,
Телбалик роҳат яратмакда ажиб устоддир.

Васл оқшомида исфандлар не хуш чарсиллади,
Ишқни мадҳ айлаб куйибдурман, бу — бир исботдир.

Кўп улуғ тушларга лоқайдмиз, нечунким, ўнгда ҳам
Ухлагудек дамда бир дунё, ахир, бунёддир.

Биз Хито — нақш ўлкасин кезсак, оёқнинг излари
Мўйқаламдир гўиё, сурган ажиб Беҳзоддир.

Сурмалар бахтлар қаросиндан нишон киприкдаги,
Ишқни кокиллар сезиб тўлғанди — жим фарёддир.

Кекса бу жонимни ковлаб, бахт йўлин очдим, не бахт
Қомати ёй, чунки Бедил, тешаи Фарҳоддир.

* * *

То туғилдим, ҳар қулоғимга мудом афсун керак,
Дил тил олганча чўкиб ётмоқни истар — хун керак.

Ишқ балоси ҳусн бахтига ҳамиша зордир,
Лайлининг ноз базмига албатта бир Мажнун керак.

Эҳтиёж бор этди йўкликдан жаҳонни, дўстлар,
Қилгали жо дилга ҳиммат, янграган қонун керак.

Кетмагай дуд ҳеч ёлингдан, кулга гулхан дўнмайин,
Гўиё ювмоққа уст-бошим кирин, собун керак.

Ваҳмга таслим акл бор-йўқни фарқлаб билмагай,
Нокераклар кеча ўртаб, бўлдилар бул кун керак.

Тўкмасинларми юлиб маржонларин киприкларим,
Оҳ, ёшурмоққа наҳот шундай гўзал мазмун керак.

Тонг бу — борлиқнинг жаҳонда бир дамидир бедахл,
Бир нафас дийдор учун борлиққа бул гардун керак.

Эҳтиёж иншо этиб жаъм қилди тарқоқ сўзимиз,
Ҳарфи номавзунимиз, чун бўлмоғи мавзун керак.

Бенафасликка гирифтор Бедилинг қабр аҳлидек,
Чун ўлим занжирдур, занжир учун мажнун керак.

* * *

Ёниқ матлабларим бергай оловга достонларни,
Бўяр қонға мурод-мақсадларим барча баёнларни.

Асл манзилга етмасдан, қолиб кетдинг, бўлиб ман-ман,
Жаранглардан топиб киргай қароқчи корвонларни.

Шовуллаб турган ўрмон сирларинда, айт, не ҳасрат бор
Ки, қушлар кўзёши гирдобға берғай ошёнларни.

Юракдан гардларинг арт, то тириксан, интизом бахш эт,
Ахир, файзи бўлак тартибга солмоқнинг дўконларни.

Лабинг дилни олиб, мендан мийиқлар жон сўрайдирлар,
Ёмон ўргатди ўғринг порага бул посбонларни.

Сен олган ҳар заиф дамдан умр бўйи сўниб келди,
Мозорларга шаъм этма вақт елинда устихонларни.

Ютиб келмоқда сен турган қирғоқни аждаҳо тошқин,
Қайиқни синдиру, соғ кет, йўқотдинг бу маконларни.

Кўзингнинг ёшлари юлдузларин янчиб кунингни кўр,
Тегирмон айлаб айлантирди оҳинг осмонларни.

Ғазаб аҳлин тийиб турғил сеҳрлаб сен одоб бирлан,
Ки, ўқлар қошида кўр таъзим этган бул камонларни.

Жаҳондир хомхаёл ошхонаси, армонни еб тўйдим,
Нечун тинглай совуқтандирдан оққан бошқа нонларни.

Мен ожиз саждаман, айлаб тавоф, сўнг манглайим бирлан
Нақш қилдим шамолга хоки бирлан остонларни.

Қараб ёр, тинглай бир кун, етар, бас, жим бўл, эй Бедил,
Мен ойна бағрига жо айладим фарёд-фиғонларни.

* * *

Токи чаман томонидан бўйи баҳор, етиб келар,
Ўзни нетиб ёд этайин, номаи ёр, етиб келар.

Икки кўзу битта лабин жуфт этадир қаддима ёр,
Тўрт беадаб рақам билан минг ифтихор, етиб келар.

Шодлигу ғам доғларини масхара қилгали кулиб,
Бағрида доғ, ханда қилиб, у лолазор, етиб келар.

Очдим аза, йўқолди йўл дашти адам қучоғида,
Тонг, ёритиш учун йўлим, сийнафигор, етиб келар.

Куйди юрак сипанд бўлиб, чиқди нафас баланд бўлиб,
Сен йўнилиб, сўнгра қўлим сенга, дутор, етиб келар.

Жим ўқигил бу маърифат китобини, аё, азиз,
Қилсанг овозингни баланд, бошинга дор, етиб келар.

Танг бу тириклик ичра халқ юпанди сўзу соз билан,
Йўқ эса ҳар нафасда бу дилга фишор1, етиб келар.

Шодлигу бахтимизга қўл етмаги кўп қийин бизим,
Чиқса агар хумордан у, тағин хумор, етиб келар.

Дағдаға қилма қудрату ҳусну тароватингни ҳеч,
Тонггача шаъм сўнар, ахир, фахринга ор, етиб келар.

Синган оёқ қачонгача ҳақталабин қилар адо,
Икки кўзим юзимга, оҳ, топиб мадор, етиб келар.

Оҳи ҳазини қақратиб қўйса азизлар лабини,
Беринг хабар, ёш тўкибон Бедили зор, етиб келар.

* * *

Кўзларингга, тенгсизим, бўлсин фидо майхоналар,
Гоҳ қуриб, гоҳ тўлғуси имонг билан паймоналар.

Ошиқ ўз қалбини ёқмоқ пайти чақмоқ олди ўт —
Шаъм аланга олгани пайт куйдилар парвоналар.

Ишқ-жунун саҳросида эсди довуллар айланиб,
Сочларин бир ҳилпиратсинлар дебон девоналар.

Ишқимизнинг қадри йўқдилдан чиқиб бўлган баён,
Бой бериб ганжин, ҳувиллаб қолдилар вайроналар.

Меҳримиз берди оловга бир тароқдўконларин,
Сочларин қандоқтарар энди бизим жононалар?!

Шаъмга дил дардимни айтиб турганим пайт келдию,
Уйқу ухлаб қолди, тинглаб тонггача афсоналар.

Қаҳр қаҳ-қаҳлаб тишин қайрар ҳасадинг бетида,
Сабр этар тишсиз қилич жим-жит, бўлиб мардоналар.

Номувофиқ бўлса аҳли анжуман бўлгай хароб,
Жам эмаслиқдан сочилгайлар бошоқдан доналар.

Шарми бўлса, бир-бировга кўз олайтирмасди эл,
Суқ кириб, шатранж ўйин майдони бўлди хоналар.

Токи бор имкони, Бедил, қил замон аҳлини тарк,
Тутмагай одамни дўст ҳеч бу ҳаёбегоналар.

* * *

Зор қанот қоқсамки, бехудлик аён, бўлғусидир,
Бу билан исён эмас, ҳолим баён, бўлғусидир.

Бир қадам ҳам беҳуда кетмас агар ҳуш изласак,
Йўқса, тош, ғафлат босиб, биздан нишон, бўлғусидир.

Бўл фақир сен хокисорлик бирла, охир бир куни
Бир ҳовуч хокингга ел тахтиравон, бўлғусидир.

Гар худосизларга қолса ушбу уммонлар куни,
Парчаланган барча елкан, кема қон, бўлғусидир.

Ваҳму туҳмат ғам балоси бирла ҳар кўк барҳаёт,
Болу парнинг кўлкаси тоғ деб гумон, бўлғусидир.

Қанчалик ҳуркитмангиз, бахт қушлари мижжамдадир,
Минг қанот бир кипригим ичра ниҳон, бўлғусидир.

Гар аён айлай десам ожизлигим, ожиз тилим,
Кўзларим фарёд чекар, бу не фиғон, бўлғусидир.

Авжланиб ваҳшатли суҳбат бўлди ҳар тил бир олов,
Аҳли корвон ёққан ўт ҳам корвон бўлғусидир.

Мангу бир роҳат шудир, жаъм бўлса уммид-ихтиёр,
Тўпласа қуш парларин гар, ошён, бўлғусидир.

Ҳар недан кечмаюса, Бедил, арзигайдир ҳақ йўли,
Бир юкинг бўлса бу йўлда минг довон, бўлғусидир.

* * *

Эй фазлу камолоти аёнлар ва ниҳонлар,
Мани нафас маҳв этади, сўзни — забонлар.

Тузмакчи эдим шода қилиб гавҳари васлинг,
Шарт узди нафас торини ёнган у фиғонлар.

Хок бўлди, бироқ бўлмади ҳеч маҳрами дийдор,
Кўз кўзгусига тўлди шу боиски тўзонлар.

Ёҳу дея тўкмакчи эдим ўзни қадаҳга,
Лов ёнди нафас, қайнадилар қалбдаги қонлар.

Саждангни кўриб шиддат ила тўхтаган ўқман,
Отган эдилар, ҳолбуки қудратли камонлар.

Ҳар мўй бўлиб тил сенинг васфингни ўқир шод,
Ҳар ҳарфинг ила хатту савод чиққан ҳамонлар.

Йўқлик чангининг тошқинимиз, оби бақомас,
Сув лойқасимиз, бизни дегиш* олгани онлар.

Майдон уза не тилни тилиб елди қалам, айт,
Минг йўртса-да у, ноқис эрур барча баёнлар.

Учқун каби осмонга учиб сўндиму билдим,
Кенгликка само зор, фурсатга — замонлар.

Ёнғин нафасинг, Бедил, уни сотса бўлурми,
Ҳайратда қотиб, тахта бўлиб қолди дўконлар.

———————
* Дегиш — кучли сув оқимидан дарё ўнг қирғоғининг мутгасил ўпирилиб туриши.

* * *

Ёниқдил гавҳари ё қатра-қатра ноб, шабнамлар,
Ё кўзёшдек жаҳон сирри ниҳон, ноёб, шабнамлар.

Ки ғафлат зулматин огоҳлик нурига жам қилмас,
Саҳар бедор ёнар милт-милт, ютиб зардоб, шабнамлар.

Қаерга бормайин, кўзёшларим менга ватан бўлди,
Жаҳонни қатралардан айлади селоб, шабнамлар.

Ўзингдан кетма дардингга бўлиб мағрур, кўзим ёши,
Ки сутдек нурларин қилди бу тун маҳтоб, шабнамлар.

Ажабмас кўзёшим бўлса агар жононима манзур,
Не янглиғ, оҳ, чарақлар, кўрса гар офтоб, шабнамлар.

Тизилди минглаган кўз гавҳари рухсори ойимга,
Қаторлашган каби гулбарг уза шаффоф, шабнамлар.

Зулумот пардасин олғай сиғиб ҳадди, улардан тонг,
Мени дилхастани қилғай батар бетоб, шабнамлар.

Юзи гуллар висолида кўринмас бахт нишони ҳеч,
Шу боис лолалар бағридадир хуноб, шабнамлар.

Заифлик тавқи бўйнимда, ки юксакликка дахлим йўқ,
Оёқ остида минг юлдуз каби сероб, шабнамлар.

* * *

Сенсиз ташланса боғга, кўзёшли нигоҳ, сувда,
Мен бир ойина янглиғ... қолган каби боғ, сувда.

Ҳуснингдан ҳижоб айлаб кўзгу бўлмасам бўлмас,
Қуёшга боқиб бўлмас ул бўлмаса, оҳ, сувда.

Инжу-инжу тер терлар баҳор тонги чаманда,
Ютиб барин бош эгган гуллар бегуноҳ, сувда.

Табассум қилганигда ўғрилар кўрди лаълинг,
Лаълинг — Зуҳро, қўл етмас, шундан жигар доғ, сувда.

Эй омонлик истаган, олдингдадир минг офат,
Соҳилда ўт ловуллар, кеманг-чи қироғ — сувда.

Оламнинг ҳар ашёси бир дилга дўнсам дейди,
Ҳар қатра орзу айлар бир кун дур бўлмоғ, сувда.

Дунёдир чексиз уммон, дуррин жунбушда излар,
Билмаски дур ўзинда, билмаски дур, оҳ, сувда.

Истарсан даҳр ичинда лочин мисоли парвоз,
Кеч бу ҳавасдан, ғофил, сен бўккан бир зоғ, сувда.

Шарм аҳлининг фарёди келмакда қулоғингга,
Ниқоблари йиртилган пуфакдир, андоғ, сувда.

Руҳни ўлимдан ўзга поклантиргувчи йўкдир,
Шундан юлдузлар милт-милт, шундандир сабоҳ, сувда.

Надомат бирла терлаб бормоқдадирмиз олдга,
Мисли сувдек гоҳ ерда, мисли тўлқин гоҳ, сувда.

Ғафлат аҳли беқарор, феълинда ҳеч сабот йўқ,
Мисли шаъм толесидек алангада, ёғ, сувда.

Бедил, сени ўйламай ишққа ғарқ икки дунё,
Ким ҳам қайғурар тузни чўкиб борар чоғ, сувда.

* * *

Шарҳ этиб мавж борлиғин, дарёда туғён, ҳар нафас,
Жам руҳим фош, гўиё қўйнимда райҳон, ҳар нафас.

Чиқса гар қандай довон йўлингда, шарт ўтмак ошиб,
Айласин эртангни бу кун, майли, пайҳон, ҳар нафас.

Матлабингга етмаганлик дардидан сен тўкма ёш,
Тўксанг ҳам ҳаттоки тер, хижлатда, ул қон, ҳар нафас.

Ушбу борлиқ бир китоб, сен айла банд шерозасин,
Тонгга боқ, йўқликни жам айлади ҳар он, ҳар нафас.

Дард эрур ишқ, оташинда бир бўлак иксир бор,
Сен бу ўтда, борлиғим, бошдан-оёқ ён, ҳар нафас.

Сенга қурбон хоклар гар чексам оҳ, тўзғиб кетар,
Бир оёқ боссам фиғон тортгувчи минг жон, ҳар нафас.

Ўз-ўзингдин қилмайин ваҳм, журъат эт, ўтгил кечиб,
Сен ўзингга сен ўзингсан мисли уммон, ҳар нафас.

Гулларидан парларимга нусха гар олмас эсам,
Устидан учмоққа қўймас ушбу бўстон, ҳар нафас.

Беватан мажнун эрурман, бўлмишам саҳро аро,
Оҳуларнинг кўзи ичра зору сарсон, ҳар нафас.

Бор назокат, бор сеҳр биллур қадаҳ ичра ниҳон,
Қўй, халал берма тамошоларга, мужтон, ҳар нафас.

Дўндирар ўз кулфатин толега, Бедил, аҳли дард.
Сурма қилгум сенга дилдоғимни, жонон, ҳар нафас.

* * *

Ики кўз гаьҳарингдан ком олурман,
Ики дунёга жуфт бодом олурман.

Гадодирман ғаразсиз, шафқатингдан
Ялинмасдан тилиб, инъом олурман.

Сенинг базмингда ухлабман, бу ҳам бахт,
Оёқ қўй бошима, илҳом олурман.

Бўлиб мажнун машрабларга улфат,
Урарман тошга шиша, жом олурман.

Мусаффолик ҳар қатра терингдан
Саҳар шабнам каби андом олурман.

Айиқ нафсимни боғлаб, овлаб анқо,
Охир мен хомхаёл деб ном олурман.

Садоқат ва меҳр майдони ичра
Шаҳид бўлдим, абад... ором олурман.

Аёнсан, ҳеч қиё боқмайди олам,
Хавотир бундан ҳар айём олурман.

Солиб, Бедил, ўзимни билмаганга,
Ҳама васл истаса, пайғом олурман.

* * *

Фахр этарлар сажда айлаб шундайин остонага
Бош қўйиб манглай терин чин аҳли инсон тўксалар.

Йўқлик ҳамёнидан ҳеч тушмас умр нақди, далил —
Йитмагай, уйдан нени элтиб биёбон, тўксалар.

Чок-чок Бедилнинг ҳар чокин қилиб минг чок, не тонг,
Гулфурушлар субҳидам хандон-хандон тўксалар.

Ҳақ дебон дил макрин эл боринча имкон тўксалар,
Томчидек гавҳар учун, майлига, уммон тўксалар.

Жилвардгар тўрт фасл гулшан, агар булбуллари
Тинмай ҳар чаҳ-чаҳда бир-бир қатрадан қон тўксалар.

Тўлдириб ташлар тиканга интизорлик боғини
Ёш этиб киприкларинг гар аҳли ҳижрон тўксалар.

Лолалар қотил бўлиб туҳматга қолмай дейдилар,
Ҳар баҳорда сачратиб қонимни ҳар ён тўксалар.

Нега ишқ меъморлари таъмир этар дил қасрини,
Ўзлари қурган заҳот вайрон-вайрон тўксалар.

Аҳли ишқ бўлғай мусаффо ишқ ўти-ла, чўғларин
Гар этакларга ҳайиқмасдан-ки бир он тўксалар.

Айб бўлар айб этсангиз андишаси йўқларни гар
Ўзлари обрўсин айлаб абри найсон, тўксалар.

Саждагоҳдир ҳиммати аҳли фанонинг, бош қўйинг,
Ерга тупроқ айлаб ўзни, ҳар маҳал жон тўксалар.

Шабнамин бермас текин ушбу чаманда кўзларим,
Сарф бўлар минглаб нигоҳ, бир дурри ғалтон тўксалар.

Дард қушинг учди вужуддан, бош-оёқ ёнғин кўриб
Ўт қўйиб мисли қамишзорларга гирён тўксалар.

Қалтирар қўл тийғ тутишга қатл учун, бергай мадад
Қонларимни пирпираб ҳар битта мужгон, тўксалар.

Фахр этиш-чун қайда лойиқ бош, қўйиб остонига,
Ўтганида терларин гул юзли жонон тўксалар.

* * *

Чин камолот ихтиёр қилмоқчиман,
Яъни йўқлик ошкор қилмоқчиман.

Кўп чигал борлиқўриш-арқоқлари,
Мен нафас-ла тор-тор қилмоқчиман.

Ҳам олиб қанча сифр йўқликдан, оҳ,
Бир ўзимни, чун, ҳазор қилмоқчиман.

Ҳеч киши бермас жавоб, сўрсам савол,
Тоғ аро фарёди зор қилмоқчиман.

Дард доғидан баҳор бўлғайму деб
Лолазорга эътибор қилмоқчиман.

Ўтса ўтсин, майлига, гул фасли, ёр,
Бир қадаҳдан минг баҳор қилмоқчиман.

Топмагунча дилда муштоқлик камол,
Мен висолни интизор қилмоқчиман.

Фарқи йўқ, дўзахми-жаннат манзилим,
Ёд Сизни, гулъузор, қилмоқчиман.

Бир гуноҳим афв этишга арзимас,
Арзитай деб, қайта бор қилмоқчиман.

Ўтди юз қат осмондан орзу,
Унга ўзни мен дучор қилмоқчиман.

Бўлмаса ибрат далили даврамиз,
Шаъм ёқиб, сайри мозор қилмоқчиман.

Ўз таним тупроғини йўқяикка хат
Битгали мен бир ғубор қилмоқчиман.

Васл йўқ, чун, икки оламдан кечиб,
Энди узлатни қарор қилмоқчиман.

Осмон бир юзтубан бечорадир,
Мен не чОра; мен не кор қилмоқчиман.

Етди вақт, Бедил, ўзимдан мен қочиб,
Суҳбатимдан энди ор қилмоқчиман.

* * *

Ғамларимни оҳ, қилиб таъсир, равшан айлагай,
Шаъм торин тунлари тақдир, равшан айлагай.

Тонг шамолидан ёнибдур боғ аро юз минг чароғ,
Ҳар ярони шундайин шамшир, равшан айлагай.

Бу жаҳоннинг назму насрин ёритар тонг шуъласи,
Соч қаросини оқартиб пийр, равшан айлагай.

Мотам аҳлин давраси жим қаддин этган ҳалқадек
Шаъм чекиб дод, кўрсатиб занжир, равшан айлагай.

Аҳли ишқ ғавғо солиб ёққан баланд гулхан билан
Кўзларин ўрмон ичинда шер, равшан айлагай.

Мисли тўлқин йўқлиғимдан борлиғим бунёддир,
Маънилар вайрониман, таъмир, равшан айлагай.

Кечгил овнинг матлабиндан, чун умид саҳросини
Бил, чақин, кезсин дебон, нахжир*, равшан айлагай.

Чақнашинг, эй учқуним, соғлиқ-омонлиқ жилваси,
Борлиғим, борлиқтолиб тадбир, равшан айлагай.

Бул яро — фонусда йўқ, Бедил, омонлиқ нури ҳеч,
Шаъм — бошоқ ўқин этиб тақрир, равшан айлагай.
_____________
* Н а х ж и р — қулон, кийикнинг отга ўхшаш бир хили.

* * *

Кибр ила мардлик ғурурин юки барҳам бўлғуси,
Токи манманлик зиёд, шарму ҳаё кам бўлғуси.

Хом сут эмган, на илож, эл оғзига тутманг элак,
Мулзам этмак истаганлар элни, мулзам бўлғуси.

Ўтди айём, этмагай ор энди халқтақлиддан,
Сал қўйиб берсанг-чи, ҳар тош Исо, Марям бўлғуси.

Ниш урар мажнун хаёл, илдиз ёйиб найранг қилар,
Тортса бош буғдой агар жаннатдан, одам бўлғуси.

Шаъм ёниб куймак билан ҳам равшану ҳам доғдир,
Дилда ҳам шодлик ва ғам, тўй ҳамда мотам бўлғуси.

Изламанг ишқни қуруқ гап — сўздан ҳеч, огоҳ бўлинг,
Бирга туғён қилса жуфт дил, икки олам бўлғуси.

Тенг тарозудир адолат, эй фақир, қўл урмағил,
Ҳурматингга оғса бир ён, неъмати кам бўлғуси.

Мисли тасбиҳ шодасиман, кечса бир донам агар,
Бошқадонам ўтмагининг навбати ҳам бўлғуси.

Феъли поклар хислатин ўзгартар, айнитмас фано,
Пахта ҳам куйгач, жароҳатларга марҳам бўлғуси.

Ишқ аро дийдор ҳаёси бунчалар залворлидир,
Кўзлар очилган заҳоти, мижжалар хам бўлғуси.

Кўп ғанимат англабон гул васлини тонг дастидан,
Барча шабнам дод чекиб, кўз ёш каби нам бўлғуси.

Ҳақ-адолатдан кечиб, нафс йўлига кирган киши
Беҳуда ичган қасам бир кун келиб сам* бўлғуси.

Тиймасанг тилни, замон маддоҳларининг мадҳидек,
Бир совуқ ел тарзида, Бедил, сўзинг жам бўлғуси.
__________
*С а м — заҳар.

* * *

Ишқ аҳли агар тасбиҳу зуннор, ёзурлар,
Ҳар дилни дебон дона, гирифтор, ёзурлар.

Ҳақ фаҳмини такрор қилиш шарт эмас асло,
Пуркабки олов сафҳага, якбор, ёзурлар.

Киприклар ила таҳрир этиб, бизга пинакда
Мактубларини, оҳ, неча дилдор, ёзурлар.

Чок-чок бу юрак шарҳини кескир у қаламлар
Бил, зор ёзурлар, ки не миқдор, ёзурлар.

Билмам, шошилиб дўстга не элтгуси чопарлар,
Кўзгумиди мактуб, нега дийдор, ёзурлар!

Минг мўъжизадан дафтар очар умри абадлар,
Ёр, сарви қадингдан токай рафтор, ёзурлар.

Зулфингдан умид мактубидир қон бу юракка
Хатларни тугун бирлаки, гулнор, ёзурлар.

Чун, ажзга паноҳ қанча заиф қомати бирла
Хок узра неча ҳарфни алифвор, ёзурлар.

Саҳфам-ку ғариб, унга шараф нақшини аммо
Ким ёзмадилар ҳам яна бисёр, ёзурлар.

Пештоқи парихонага манглай битигимни
Сир деб кўчириб, бунча улуғвор, ёзурлар.

Фарёди тиниб аҳди қафас учса фалакка
Минқорлар ила шарҳи дилин зор, ёзурлар.

Афв этгучи покиза қаламлар қилибон шарм
Не қилсам агар, они нигунсор, ёзурлар.

Дардимни баён айлагучи, айт бу не ҳужжат,
Қабримга менинг, деб, дили бемор, ёзурлар.

Тош остида миннат чекса ётгум то қиёмат,
Устимга агар сояи девор ёзурлар.

Тун мисли пешонанг қаро, Бедил, ки бу сирни
Бил, кун каби равшан дея, ошкор, ёзурлар.

* * *

Оҳ, жилвасини анинг ниқоб, сотар,
Бир роҳатга ўхшаган минг азоб, сотар.

Кўз-кўзлама кўлмак узра пуфагингни,
Киссамда денгиз бор менинг, ҳубобсотар.

Ҳадиксираб титрар шабнамлар милт-милт,
Боғ, уларни қилиб гулоб, сотар.

Кўзларим гоҳ ғафлат, гоҳ ҳайратдан юмуқ,
Бахт тўласанг, жаҳон изтироб, сотар.

Минг ҳунар бирла тўқиган ипакларимни
Олиб у, бир қатра шароб, обсотар.

Ёниб-ёниб турар ғамсевар бу юрак,
Кўп ташна бўлди харидоринг, обсотар.

Жигарлар доғи қадрини не ердан билурсан,
Бор, дўконингдан қолма, эй кабобсотар.

Мафтун бўлиб эрдим бир қуёшчеҳрага,
Мени ер қилиб ул, офтоб, сотар.

Бахтига қаро ранг сингиди Бедилнинг,
Бўёқфуруш унга сароб, сотар.

* * *

Жунун айт, қайдасан, вайрона қайда,
Қуруқ чўпман, бир оташхона, қайда.

Чарақлатдинг, ки, зорларнинг чароғин,
Қани, кул бўлғучи парвона, қайда.

Уялдинг ўзгадан, қўрқдинг ўзингдан,
Ўзингдан кеч... кейин бегона, қайда.

Қуруқ довруқ таратмиш ваҳм — чўпчак,
Ўзинг афсонасан, афсона, қайда.

Жаҳондир бир юмуртқа, мағз—ўзинда
Ани излашга ўзга хона, қайда.

Қафас кўксимда бир қуш бор, илож не,
Юракдан сув тутарман, дона, қайда.

Ўйингда манзилу, Бедил, йўлинг йўқ.
Хаёл қил, Каъбаю бутхона, қайда.

* * *

Фоний бўлсам-да бақо, шул ердадир,
Бахту кулфат мутлақо, шул ердадир.

Ўз дилимни тарк этиб кетгум қаён,
Бор умид: бор муддао, шул ердадир.

Ғам матоимдир, дўконим саждагоҳ,
Кетма саргардон, зиё, шул ердадир.

Бўлма ғофил йўлларингнинг чангидан,
Кўзларимга тўтиё, шул ердадир.

Ғунча дилни этма тарк, энг хушчирой,
Энг муаттар ошно, шул ердадир.

Покдил, хуррам яша борлиқ аро,
Гарчи ҳусни бевафо, шул ердадир.

Йўқ бунингдек фазлу нуқсон, изла минг,
Минг саодат, минг бало, шул ердадир.

Тонг ели тўзғитди хок... сен беҳуда
Бўлмагил мағрур, ҳаво, шул ердадир.

Зорман, дийдорга элтар корвон,
Қўнғироғидан садо, шул ердадир.

Кетди дўстлар, ўп оёғи изларин,
Ассалому алвидо, шул ердадир.

Етгали васлингга Бедил дод этар,
Додига етгил, нидо, шул ердадир.

* * *

Кўз ёшларимни мижжаларим шитоб, тўкар,
Ҳаё дарди юзимга менинг гулоб, тўкар.

Умр ўткинчидир, қолмабу сабоқдан бехабар,
Ҳар лаҳзада бир варағини бу китоб, тўкар.

Доғ бўлган дилнинг зорларидан ғам ема,
Сувларин нафасинг бу ойинага беҳисоб, тўкар.

Жаҳон жилваларин ғубор билган бир гул
Қонимни ғунча каби, кийиб ниқоб, тўкар.

Чаман гулбунлари уйқу аралаш боқиб гўё,
Хаёлимга нигоҳ — гулларини, бериб азоб, тўкар.

Чақноқ нигоҳу кўзёш ила баён бўлди ёнган дил,
Уммон яшин ҳамда ёмғирлари билан изтироб, тўкар.

Ўздан кетмак ила навбаҳор бўлур ошиқдили,
Кўринмай, тонг нурларини офтоб, тўкар.

Омонлиқ майини тама қилма фалак шишасидан,
Фитна тошларини ёғдирар, десанг сероб, тўкар.

Беқарорлиғимдан ўз борлиғим селиман ўзим,
Кўз ёш ҳам ўзини ўзи равону пуроб, тўкар.

Пуфакдек ёриларсан ўз нафасингдан ўзинг, Бедил.
Сўз айтмаслик гуноҳингни сенинг, бериб азоб, тўкар.

* * *

Ойина каби неча табу тобдир дилимиз,
Чун доғи жунун шуъланиқобдир, дилимиз.

Кўзгу каби бир умр хаёл базми ичинда
Ҳасрат кўзида бир мижа хобдир, дилимиз.

Бизмиз ва нафас мавжи фирибгардиру ботил,
Сарчашма* демангизки саробдир, дилимиз.

Паймонамиз тўлгуси ўшал лаҳзаки шодмиз,
Базмингда бир ҳамзарфи* ҳубобдир, дилимиз.

Оташ қўю бетоблигимизни кузатиб тур,
Куймакдин уза охир не бобдир, дилимиз.

Лаълинг чу жон олди, кўнгил кетди иликдан*,
Яъники саволингга жавобдир, дилимиз.

Саршор* олов соғарининг журъакашимиз*,
Сув оламида шабнаму софдир, дилимиз.

Недур бу нафас сўнги — саранжоми ниҳоят?
Бир умр тамомила ҳисобдир, дилимиз.

Беҳосил уринмак ила ҳасрат самарамиз,
Андоқки нафас куйди кабобдир, дилимиз.

Дарёки ҳубоб* бирла неча жилва сотарди,
Васл оинасимиз, ҳижобдир*, дилимиз.

Юз тош ўлиб ойина — ул юз қатра гуҳардир,
Афсуски ҳамон хонахаробдир, дилимиз.

Афсонанигордир то нафас торида титроқ,
Бедил, бу каманд домида хобдир, дилимиз.
________
* cарчашма — булоқбоши;
* ҳамзарф — идишдош, ҳамтовоқ;
* илик— қўл;
* саршор —лиммо-лим;
* журъакаш — қултиллатиб ичувчи;
* ҳубоб — сув юзидаги қўнғироқчалар, пуфакчалар (кўпик);
* ҳижоб —парда, тўсиқ, чиммат.

* * *

«Ул» демагимиз ҳам, мену ҳам сенга зарурдир,
Андиша қилиб юрма. У бул ўртада йўқдир.

Танҳизу* кадар* ойинаси, айт, нечук ўй бу?
Қай ерда бутун* мунфаил* ўлмишки, зуҳурдир*.

Афсоналаринг тутди ҳақиқатни билишдан,
Ғафлат ва жаҳолат асари — оташи Турдир.

Ёрлар, мени мажҳулнинг* талошидан қулингиз,
Ул мен ила, мен — дарбадар, оҳ, бу не шуурдир?

Ижод чамани субҳидами бирла қувонманг,
Зеро бу табассум уйи ҳангомаси шўрдир.

Ёрлар дами совуқлигини неча яширдик,
Дандонники совуқ урадир, ўртаси ўрдир.

Шахсдан неча тимсол ила сен топма тасалли,
Ранж чекмаса сайқалда агар, ойина кўрдир.

Хомуш эса ким — бош ила барг анда саломат,
Ҳар гаҳ агар тил бол ёзадир, ёнида мўрдир*.

Кўп кибр нечун? Неча бу таҳқиқу бу тақлид?
Бул ҳаммаси ҳеч ҳосили йўқ ишқи ғаюрдир.

Бедил, сенга йўл топмадик ҳеч кавну маконда,
Ойина сароб эрдики, тимсолинг чуқурдир.
_____________
* танҳиз — поклик, софлик;
* кадар, кудурат — хиралик, тийралик;
* бутун — яширин;
* мунфаил — хижолат, шармисор;
* зуҳур — ошкора;
* мажҳул — эътиборсиз;
* мўр — чумоли.

* * *

Қазо бош хатига уфқнингки қайси кун рақам урди,
Дедим: не манглайимга ёзилибдурки, қалам урди.

Оловдаги тақа нафасидан сиз ғофил ўлмангиз,
Қадамига, ки шамнинг бош то базм ичра қадам урди.

Нигоҳингга сенинг зулф сингари қаттиқтегиб қайтдим,
Бу боғ фаввораси ғалвирга мисли бир алам урди.

Бу шодлик сози иқбол мажлисида бўлди чилпарчин,
Таниш жомни фалак-да Жам бошига чинданам урди.

Аҳли дарвеш шоҳи бўлган бу хийра бизнинг нигоҳким,
Ҳаққоний кўз ўнги пайдоси — гардларга ҳашам урди.

Ҳеч такаллуфларга мастлар заҳматин бермагил, воиз,
Жом лаби истамас демакники, майдан қасам урди.

Юз шукрки, тонг каби ҳеч қилмадик исрофчилик биз,
Гарчи бизда ҳам нафас бор, лек оинага кам урди.

Жаҳонда бор ажиб уйқу, не ҳосилдир лекин бундан?
Қилди шундай дил жунун, то нафасники адам урди.

Фарёд-эй, бу дилга бир топингани йўл тополмасмиз,
Ҳама кўр эшигида, бошини дайру ҳарам урди.

Сомонидан ҳубобимнинг бўлибди жиққа ҳўл иқбол,
То кўс шуҳрат учун янграрки, бил, уятда нам урди.

Не роҳат деб дамидан пирни киприк боғлайин, ё Раб,
У девор гўшаси бесоядир, қийшайди — хам урди.

Надоматдан, Бедил, мужгонларингдан ўқни ёғдиргил,
Этагингдан тутай деб истаганлар қўлни ҳам урди.

* * *

Амал найранги бир гули бақо бўлди,
Баҳор умидлари чин муддао бўлди.

Эмас бизга эътибор маҳрами у кас,
Оинамиз хаёли бериё бўлди.

Ҳама жойда ҳайрат наво ёндирадир,
Оинамиз ва акси бир наво бўлди.

Шодман, чунки менинг шаҳид ғариблардан
Захмнинг кулгани-ку, хунбаҳо бўлди.

Оёғинг остига шундоқ тўкканим қон —
Ҳайратлардан ўзи поймол хино бўлди.

У рангни мен ошкоро излаган эдим,
Ғунчани пардадек тўсган ҳаё бўлди.

Бўлмади исботи таҳқиқнинг дилим ҳам,
Оина ўз акси билан ошно бўлди.

Бўлиб жилванг маҳрами гар юролмадим,
Нигоҳинг қултуми заифнамо бўлди.

Фарёд, бизнинг бисмилломиз файзи ила
Мавждаги бор интилиш норасо бўлди.

Ашкнинг гул сочишида қон иси мавжуд,
Хоки бу тасбиҳимнинг Карбало бўлди,

Бу ҳавас шарҳининг ҳар ҳарфида бордур,
Нимаки менда йўқ, дахли бажо бўлди.

Дунё муродининг бошидан, эй Бедил,
Киши топгинки, дегил: беасо бўлди.

* * *

Агарки дил маҳви муддао айлар,
Мақсудимизни-чи, дил даво айлар.

Дард тамаъси етса мақсадликка то,
Ҳумоликка ҳар чивин даъво айлар.

Зулфи асрорин унинг маҳв этгани
Гул томири доми муддао айлар.

Гар видо этгум деса ҳирсу ҳавас,
Гавҳарин дил тугуни адо айлар.

Ваҳм занжирин кузатса гар ҳавас,
Ҳама саҳрою тоғни ҳаво айлар.

Касалманд оҳимиз эҳроми бугун
Ҳавомиз гардини асо айлар.

Агар восвос солар бўлса тугунин,
Осуда дил домликни ҳатто, айлар.

Бедилимиз камоли барқ урар гар,
Ой гардишин юддузга ато айлар.

 
РУБОИЙЛАР

1

Афв эт халқдан келса яхши-ю ёмон,
Адоватдан қочиб, роҳат қил, инсон!
Кибру ҳасад бермас кишига ором,
Одамни менсимай қувилди шайтон.

2

Яхшилик, ёмонлик мўлу кўл бунда,
Қилмишинг ҳолидан огоҳ бўл бунда.
Кўлинг олур улким, қўлини олдинг,
Барчанинг фойдаси қўлма-қўл бунда.

3

Юз шукр тилмади ҳақ сийнамизни,
Ошкор этмай шубҳа — дил кинамизни.
Борлиқдан уялиб сув бўлмагунча
Намоён этмади оина бизни.

4

Соч оқаргач қўйдим дилим ғиш-ғишин,
Ерга отдим ҳаво-ҳавас ташвишин.
Шам равнақ топмагай отганида тонг,
Пилик тортар бунда аланга учин.

5

Ўз шуурингдан бўл бегона, Бедил,
Жаҳолат созин чал девона, Бедил,
Дуд ила ғубордир бу дунё бари,
Кўз юм, сабил қолсин бу хона, Бедил.

6

Мансаб, ҳашам эмас, азобдир бунда,
Айт, нима софликка ҳисобдир бунда?
Эшак, ҳўкиз тагин тозаласинлар,
Мансабдан фаррошлик савобдир бунда.

7

Оина кўрганда ўзин беғубор,
Шодликдан минг рангда бўлур жилвакор
Инсон мижозида гул очди билим,
Гулласин деб саҳро бағрида баҳор.

8

Ҳавас таркин этмоқ кўп маҳол бунда,
Эркинлик фақат бир эҳтимол бунда.
Нимага боқмайин дил бўлур асир,
Кўнгил узмоқ эса, бўш хаёл бунда.

9

Сўзларингда бўлса юмшоқлик бўёқ,
Ёв ҳам қилур дўстлик кўзгусин порлоқ,
Қўпол гапдан фитна қўпган чоғида,
Бўйин томирингдур бу жангда таёқ.

10

Бу ақлсизларки, масту беимон,
Сезгисиз, қаттиқ жон, харсанг тошсимон
Чиғаноқ қуруқлик ва манманликдан
На мағзу на пўст бор, қуруқ устухон.

11

Бедил, ўзни қанча синаб кўрмадим,
Лек камол даъвоси дамин урмадим.
Юз шукрки одоб иқболи кулиб,
Ҳеч кимдан ортиқман дея юрмадим.

12

Бедил, ҳамма вақт ҳам изтироб бунда,
Тинчлик — хаёлу туш ё сароб бунда.
Ҳаракатсиз бўлмас ҳатто чанг пайдо,
Илдиз сувда, тупроқ бир ниқоб бунда.

13

Эй ақл жавҳари, бўл дунё сирига ҳамдам,
Макрпарвоз зуҳдга сен риндона бергил барҳам.
Олам соқолу салла масхарабозлигидир,
Бу хижолатдан қутул, кўнглингни уз, эй одам.

14

Бу бир денгиз, иши бизларни бўғмоқ,
Тиғу шамширингга ишонма ҳар чоқ.
Ҳар тўлқин интиқом камони бунда,
Ундаги ҳар балиқ ўқ тўла садоқ.

15

Мантиқсиз афсона тутмиш оламни,
Фаҳм эту ўйлама ҳеч кўпу камни.
Лаънат тавқин илиб шайтон бўйнига,
Негадир жаннатдан қувмиш Одамни.

16

Зуҳур оинаси жило топгандан бери фақат
Ҳар махлуқ бир-бирига интилар, бўлар улфат.
Ҳеч ким назар ташламас ўзининг аҳволига,
Булбул бўлди гулдан маст, гулга ҳаволаш одат.

17

Тубан табиатингдан чиқ, эй бедор дил,
Лофнинг безак пардасин айлама манзил.
Бахмал тўшак на ҳожат келмаса уйқу,
Тун матосин тўқувчи коргоҳни тарк қил.

18

Ким бойлик фикрига асиру бетоб,
Томчи май ҳидидан хўп масту хароб.
Бедил, мол жамғармоқ заҳматин чекма,
Дур терилган билан ип бўлмас сероб.

19

Ҳар нарсада онг-ла асосу нисбат,
Сўнгра фаҳм эт надур маънию сурат.
Одам ҳўкиз эмиш, балиққа минган,
Балиқ ҳаводамиш... Қани ҳақиқат?!

20

Бу харобазорда истасанг роҳат,
Дўстга қўшилиб топ дилга ҳаловат.
Токи бир-биридан киприклар жудо
Уйқусиз кўзларда изтироб, заҳмат.

21

Беш кунлик умринг бу нотинч оламдан —
Тинч ўтар сен ўзинг қилган малҳамдан.
Мазҳабу миллатдан излагил одоб,
Яхши хулқ излагил ҳар илму фандан.

22

Киприкдан қон тўкиб, лолазор топдинг,
Булутдек ёш тўкиб, чин баҳор топдинг.
Дардсиз кўнгил очмоқ маҳолдир, маҳол,
Оёқ ярасида тикан — хор топдинг.

23

Бу эшак миялар шодонлик созин —
Тушунмай, кўрсатар шоҳона нозин.
Нафрат ноғораси кар қилмагунча,
Фаҳм этмоғи мушкул тараб овозин.

24

Қариликда холи бир гўша топ дилга,
Бедил, Дарё эмди лойқади, қани чиқ топиб соҳил.
Мана оппоқ сочларда кафан инъикоси бор.
Йўлда кўзинг юммасдан ўз манзилинг топа бил.

25

Олам — хароб зимистон, бу зулматда ҳар одам
Ғурури шуьласида куяди мисоли шам.
Беш кундан сўнг талъати сафо нурин сочолмас,
Тундаги йилтироқ қурт бундайларнинг бари ҳам.

26

Эй, инсон дил кабоби тафтига ёпгувчи нон,
Сув қилмасми бу зулминг хижолати шул замон.
Бир ялам асал сенинг оғзингга теккунича,
Юзлаб хоналар вайрон, ҳалокатда минглаб жон.

27

Гоҳ сув ғамидан, гоҳ бир донадан де,
Гоҳида айш ила таронадан де.
Ўлгунча шу гапдан қутулолмайсан,
Уйқу олгунча шу афсонадан де.

28

Эй хожа, ҳашаминг заволи яқин,
Шуъланг асарининг паймоли яқин.
Қанчага етарди бир шамдек зиёнг,
Эй, йилтироқ қурт, тонг жамоли яқин.

29

Ер тинмай тарқатар ғубори ибрат,
Умр ҳангомаси кулфатдир, кулфат,
Ором талаб этмоқ бунда беҳуда,
Оҳулар ортида қуюқ чанг қат-қат.

30

Дилнинг оинаси бор, боқмайин ўтди,
Кўз ўнгида баҳор боқмайин ўтди.
Бу тушуниб бўлмас дашт ғуборидан
Кўплар ўзлари ҳам кўрмайин кетди.

31

Ҳар кўнгилда бордир умр талоши,
Кўнгилдан ишорат томчи кўз ёши.
Кўкламда илдизсиз ўсмас бир дона,
Бил, яранинг ҳам бор илдизи — боши.

32

Мол-дунё ташвишига тўлиқ бу чўл — оламдир,
Бу ташвишлардан озод — шод яшаган одамдир.
Кўнгилга тугун солмай ўтмас ҳеч бир маърака,
Этикнинг торлигидан оёқ қадоқ, кўз намдир.

33

Барча истагингни берса гар тақво,
Қуруқ ток баргидан қайнарди саҳбо.
Бўш хаёлдан ўтса киши рўзгори,
Қарға тухумидан чиқарди анқо.

34

Шом келгач, осмонга чиқди алангам,
Дилим қон бўлди-ю, кўздан оқди нам.
Эрта қандай умид билан яшаймиз,
Бугун ўтди бизга бўлган ваъда ҳам.

35

Маст-аластлигимиз асоси карам,
Баланд-пастлигимиз асоси карам.
Борлиқ ўзгариши дерлар ўлимни,
Йўқламаслигимиз асоси карам.

40

Ҳаётни жон қийноғи, қон ютмоқ деб бил,
Ҳаёт-мамот айшидан қутулмоқ мушкул.
Халқ ичра яшаб ундан ажралмоқ хато,
Одамзод тиригида суҳбатга қобил.

37

Ҳиммат аҳли таъбидан Бедилда ҳам бор,
Сахийлик турли рангда бўлур жилвакор.
Нодонларга панду муҳтожга танга,
Ёшга лутф, каттага хизмати бисёр.

38

Бедил, тун қуртидек билмасман тиним,
Аммо ҳеч тарафга очилмас йўлим.
Каъба тавофидан кишилар хурсанд,
Бу соядан огоҳ эмасдир ҳеч ким.

39

Эй шайх, инсоф берса виждонга пардоз,
Нечун кўзинг тўймас, қаноатинг оз.
Ҳеч ким сендан каммас бу анжуманда,
Кўзинг мол-дунёда, ўлтириш мумтоз.

40

Инсон дафтаридан варақ бу жаҳон,
Одам кабобининг тутуни осмон.
Икки жаҳон унган уруғни билсак,
Киши хаёлидан етишган бир дон.

41

Кетдик, биздан қолди ғамли из боқий,
Қолди парпирамоқ, у ҳаргиз боқий,
Танамиз тупроқда маҳв ўлса ҳамки,
Қаттиқ жондан қабр тошимиз боқий.

42

Ашё—назаримиз олғувчи кўзгу,
Номлар зикри эртак тингламоқдир бу
Барчаси инсондан қочирар узоқ,
Асли инсон бўлмоқ ўзни билмоқ-ку.

43

Киши табиатин фош этса идроқ,
Фақат яхшиликка этар иштирок.
Илмдан бебаҳра қолади таъби
Бадфеълидан кечиб бўлолмаса пок.

44

Бедил, қай мижозда бўлмаса вафо,
Висол топганда ҳам тополмас ҳаё.
Қайдаким манзурдир дўстлик ҳуқуқи,
Жон нисор эт, ўзга шева йўқ асло.

45

Дили ҳасад тўла, ичи қоралар
Доим туҳмат ила покни қоралар.
Шип бурчига оппоқ пахта илиб қўр,
Шамдондан барча ис шунга ўралар.

46

Бедил, етмоқдадир сўнгига сафар,
Парвозга бемажол эмди болу пар.
Қадамим ҳисоблаб борар кўз ёшим,
Ҳар томчимдан шамта тонг яқинлашар

47

Парокандаликдир дунёга асбоб,
Оромга ҳамсабоқ бўлмишдир симоб.
Шу дарё мавжидан паришондирмиз,
Бунда хотиржамлик—гавҳари ноёб.

48

Машҳурлигинг надур? Мастлик кулфати,
Вайронлик не? Баланд-пастлик иллати.
Дилингни куйдирган ноёб орзулар —
Ақл билан боқсанг, ҳаёт рағбати.

49

«Сен, мендан ташқари,—деса,—ҳақиқат»,
Бу сўзга ишонма, бари жаҳолат.
Хоҳ ерда қанот қоқ, хоҳ осмонда уч,
Анқони топурсан эртакда фақат.

50

Бу дунёда кўпдан-кўпдир жаҳолат,
Ким ақлу илм деса, чекар надомат.
Ҳар томонда фақат айиқлар рақси,
Устара бер, олам жун босган ғоят.

51

Бу дунёда ҳар дам янгилик ҳавас,
Эскириб чиқади ҳар янги нафас.
Шу суҳбатдан қизиқ дунё бозори,
Ақл қулоғин тут, олам гапдир, бас.

52

Ишрат тузоғидир шиша касофат,
Қул-қули етказар хабари ишрат.
Махмурлик юлдузи ҳар бир томчиси,
Ҳар мавжи пиёла манглайида хат.

53

Куйук дил тугуни ишкимга тумор,
Ўраб дедим: «Буни ёримга юбор».
Шавқидан ғунчадек очилиб кетди,
Шодликдан қинига сиғмади такрор.

54

Тўлқинмиз мену сен ҳаёт баҳрида,
Ҳавас қайнаб ётар унинг наҳрида.
Кўпикдек фикр этсак, сув ва ҳаводан —
Ўзга на дон бор, на сомон, қаърида.

55

Бетамиз бўлади дарди йўқ одам,
Ундайга ўлимдан ўзга таъсир кам.
Соч ва тирноқларга қараб ибрат ол:
Қон йўқ жойда йўқдир ҳис ҳам, туйғу ҳам.

56

Қай дилга тушмаса ишқдан бир қайнов
Умри куйиб ўтар, жабрга гаров.
Кўзадан ибрат ол, сувга чидолмас,
Аввал куйдирмаса уни то олов.

57

Узлуксиз шодлик ҳам келтиради ғам,
Ҳаддидан ортиқ базм—мисоли мотам.
Ҳар нарса меъёрдан ошмаса яхши,
Бошдан ошса ўтдан баттарроқ сув ҳам.

58

То чарх бисотида собиту сайёр,
Гапнинг марказида хомушлик даркор.
Уруғсиз ҳеч нарса илдиз отмайди,
Яъни нуктасиз сайр этмайди паргор.

59

Зеру забар қилмоқ, фалак номаси,
Бой берилар охир ер хазонаси.
Жисминг зийнатига бўлма кўп банда,
Уни ечиб от, ул ғафлат жомаси.

60

У дунё деганинг у дунё эмас,
Ҳақ жамоли унда ҳувайдо эмас.
Жаннат таърифидан чиқар хулоса,
Қайда зару гавҳар—бу дунёдир, бас.

61

Бир оламдир куйим сеҳру оҳанги,
Тобора очилур янги ва янги.
Каломим сайрида ғафлатда қолма,
Баҳорман, янги ҳар нафасим ранги.

62

Зоҳид дерки, «тақво манбаи диндир»,
Шайх кўзгу тутиб дер «Сулукдан қидир».
Бу жоҳилларга зид бизнинг девона
Яланғоч бўлиб дер: «Чин мардлик будир».

63

Кимки паст-баландга қарагай ҳушёр,
Иблис малъунлигин тушунар бисёр.
Ким қибла билмаса ҳазрат инсонни
Ўша лаънатланиб бўлур шармисор.

64

Сен рад этган кичик бўлак билан ҳам
Ҳисоблашмай бўлмас бирикса боҳам.
Бир тутам жунни ел элтади осон,
Бирлашса бўлади намат е гилам.

65

Фарёдки, ҳеч ким йўқ биз билан бул кун,
Ҳуррамликдан йўқдир ҳатто бир учқун.
Доим бирга бўлган мувофиқдўстлар,
Борса келмас жойга кетдилар бутун.

66

Ҳаётдан олмаса ибрат у кўз кўр,
Асалда бўлмаса ширинлик у шўр.
Ўзгариб турмаган либос кафандир,
Ўзгариш билмаган хона — қаро гўр.

67

Ўзбошимчаликдан хуррам бу дунё,
Эрксиз айланмоққа бўлмиш мубтало.
Исо ё Маҳдийнинг қайтиб келмоғи
Тажрибадан узоқ, қуруқ бир даъво.

68

Бедил, қуруқ вақ-вақ бизга шон эмас.
Амир, султон мадҳи бизга жон эмас.
Сўзларим тинглаб кўр, энг яхши оним
Дўстлар хизматидан ўзга он эмас.

69

Ҳиммат ўлчовимас фақат пул-дирҳам,
Пул сочмоқ ҳар кимда бордир кўпу кам.
Мумсиқдан ҳеч киши баҳра олмаган,
Ҳасрат-ла жон берса шу ҳам зўр карам.

70

Токи ишқ қиссаси такрорга қобил.
Бу мато бозорин доим қизиқ бил.
Мажнун доим сочар бошига тупроқ,
Фарҳоднинг тешаси тошда муттасил.

71

Ҳаё тухмин қўлдан берса гар одам,
Ғайрат биносининг қадди бўлур хам.
Соқолдан лоф урса ишонма унга,
Номус қўлдан кетгач, қолмас мардлик ҳам.

72

Бедил, бефаҳмлик ўсмиш нақадар,
Аҳмоқлик палоси ёйилмиш магар.
Ошно-бегоналар бутун бир умр
Фақат «тарих» ё «саж» талаб этишар.

73

Бу базм телбалик, йўқ бунда идрок,
Бунда билим сози қилмас иштирок.
«Мен», ё «Биз»ларига тушунмоқ бўлиб,
Қанча қулоқ осма, у бангу тарёк.

74

Нодонлик овининг ўлжаси ҳасрат,
Нодонлик баҳорин ёмғири кулфат.
Соч юлиб додламоқ билимсизлиқдир,
Огоҳлик кўзгуси эмас надомат.

75

Рухсоринг чақмоғи ниқобга тушди,
Кўзларинг шуъласи шаробга тушди.
Зулфинг қўнғироғи юзинг тўсганда,
Гўёки сояси офтобга тушди.

76

Бизларга ҳаётнинг ҳосили—ҳавас,
Семурғ кўринади ҳар пашша—магас.
Борига қаноат қилмай на чора,
Текин ҳаво бизга анжоми нафас.

77

Борлиқда кулфатдан аломат бордир,
Яъни унда сози надомат бордир.
Ҳақ-ноҳақ, соз-носоз беҳишту дўзах,
Ўзинг ким? Билолсанг, қиёмат бордир.

78

Дев-жин найрангига тўлмишдир жаҳон,
Ҳис ва ҳаракат-ла қилдик имтиҳон:
Қўрқувдан туғилмиш ажина, пари,
Ваҳимадан таркиб топмишдир инсон.

79

Таҳқиқ йўли жуда нозик, серсабоқ,
Тушуниш қийиндир яқин бўлган чоқ.
Тупроқ не? Билмасанг кечириш мумкин,
Хаёл шамин туби қоронғудир, боқ.

80

Ўз маъно қиссасин очган ул дона,
Илдиз ёриб отди ер ичра шона.
Лек таҳқиқи бирор жойга етмади,
Етилса ҳам ўздан топмай нишона.

81

Қарилик ҳарчандки йўқлик эрса ҳам,
Ҳосили бўлади оқ мўй бир тутам.
Олов ёниб ўтмас кул қолдирмайин,
Кўпиксиз бўлурми қайнаб турган ғам.

82

Эй, Бедил, мақсадинг овламоқ кўнгил,
Аммо дил ороми бўлмайди ҳосил.
Кўзгу тимсолига тушганда йўли,
Одам юз ўгирар, бу эмас манзил.

83

Кўрсатиб ҳунару билим шарарин,
Кимлар кўз-кўз қилар ҳашаматларин.
Охири бир ёниб сўнган чўғ каби
Бош тушар ёстиққа тўзғитиб парин.

84

Йўқдан пайдо бўлмиш мактаби олам,
Ҳар нарса қўзғайди ҳайрат дамо-дам.
Қалам тилида-ку котиб дил рози,
Зеро барчасидан огоҳдир одам.

85

Миркам икки дунё аҳли-ла маош,
Ва ҳисобким тўғри келмай, кўзда ёш.
Бугун шундай, эрта бўлса имконим
«Бедил!» деб, тупроқдан кўтаргайман бош.

86

Эй инсон, кўлингда ҳавас тўла жом,
Васвасадан тинмас, дил бесаранжом.
Сен ўша-ўшасан бешигингда ҳам
Тебратиб турмаса, топмасдинг ором.

87

Бўш калла ўзига қўяди бино,
Юз хил пуч хаёллар унга жо-бажо.
Дардсиз дил ҳавасдан тополмас чора,
Шиша бўшаб қолса бодаси ҳаво.

88

Бойлигин орттирмоқ бўлиб оҳу воҳ —
Қилган бой, билсайди тинчлик йўлин, оҳ.
Шам шодлиги бошда қалпоғидандир,
Билмаски жонининг ёви шу кулоҳ.

89

Поёнсиз билим-ку сенда мужассам,
Анқодан буюкроқ оддий пашшанг ҳам.
Жаҳон таркиботи бирликка эга,
Бу бирлик шубҳасиз, нафасингда жам.

90

Халқда ҳаракатдан ўзга нарса борми?
Йўқ. Дунёдан қўл ювса, фойда унга ёрми?
Йўқ Хаёл ойнасин юз минг жилваси бордир,
Йўқ.Улардан биттаси унга вафодорми?

91

Бедил, ишоратнинг кўп томони бор,
Унда жуда кўпдир эшигу девор.
Хоҳ «у» дегил, хоҳ «сен» ёки «биз» деб ёз,
Ҳақ маъносин очар иборанг бисёр.

92

Сендан юз ўгирмоқ, қайдадир, жонон,
Сендан кўз узмоқлик қайда бирор он.
«Мени ёд этмайсан», дедингми?
Ҳайҳот, Ҳаётим сен билан, унутай қачон?

93

Бойлик орттирмоққа ҳирс қилур ғавғо,
Ўз куч-қувватига эга ҳар сиймо.
Шайх бўлур салтанат кучи бўлмаса,
Куч етмаган жойда золимлик пайдо.

94

Нимага эҳтиёж таъбда бор экан,
Гул очса, ҳамроҳи бўлади тикан.
Нон емак қуроли бўлган тишларинг
Тушар осон, чиқар қийинлик билан.

95

Илм кўз-кўз қилмаслик камоли ўзга,
Лаб очмай сўзламоқ мақоли ўзга.
Ясанчоқлик, кибру ноз оламида
Оина тутмаслик жамоли ўзга.

96

Бедил, ҳар бир очиқ кўзга мўй йўлдош,
Тўғри пешонада бордир эгри қош.
Тўлин ойга боқсанг ҳилолга мойил,
Тиззасиз эмасдир сен кўрган ҳар бош.

97

Бул кунда азизлар давлат конидан
Сарой қурар, мағрур давлат шонидан,
Кўзинг очиб боқсанг пешонасига,
Ажинлари тимсол бахт нарвонидан.

98

Ҳар илдиз ортида шан чаманзордир,
Ҳар қанотга юксак учмоқлик ёрдир.
Ваҳмдан янги ой мисоли озма,
Эшиклар калиди чўнтакда бордир.

99

Яхшилик қилсанг ўз дилинг бахтга ёр,
Ёмонлик кўргузсанг кўнгилда ғубор.
Ҳали қиёмат кун келгани йўқ-ку,
Яхшилик килавер, ҳисоб не даркор.

100

Токай сўроқлайсан, ул ёр қани деб,
Юзлари ниқобли дилдор қани деб.
Киприклар тўсмаса кўзинт ўнгини,
Офтоб хонасида девор қани деб.

101

Бедил, азиз бўлса осудалик дам,
Ўзгага ёмонлик ўзингга ситам.
Топталган дил кўрдинг, ҳар ён сайр этиб
Оёқ остинг қадоқ, аста бос қадам.

102

Яхши-ёмон деган сўзлардан, қаранг,
Охир ҳақиқат ҳам бўлмишдир беранг.
Қулоғинг динг қилиб ҳайрат сирин топ,-
Анқо халқ оғзида пар тўкиб, гаранг.

103

Ҳеч телбалик келмади девонага мос,
Ҳеч бир ақл тадбири фарзонага мос.
Кўзлар тупроққа ботди умр ғуборидан,
Бирор киши келмади бу хонага мос.

104

Ғуборим йўқликка яқин бўлса ҳам,
Жуда тордир билим ва ақл кўчам.
Соч оқим нур берди пиликка, аммо,
Хирадир йўлимни ёритгувчи шам.

105

Шиша қул-қулида ибрат муҳайё,
Гул хандасида бор ноладан имо.
Бу чаманда пайдо ҳар тус ва ҳар ранг
Қадам андозаси, оёқдан садо.

106

Бахмалу мўйналар истасанг, Бедил,
Қаноат соясин оромбахш билгил.
Тубанлар олдида тўкма обрўйинг,
Ҳирс бўлса ташналик, ҳаёни сув бил.

107

Даврим одамларин нафаслари сард*,
Қўполликда ғайрат кўрсатар бедард.
Бу пастлар тўдасин эътиқодидан
Билдимки тубанлик кўрсатар номард.
_________
*Сард —совуқ.

108

Қайда ҳақу ноҳақ ажратилмайди,
Кишилар таъбида софлик бўлмайди.
Бир пастга пастлигин айтсалар деди:
«Ҳар кимга бу давлат насиб қилмайди».

109

Афсус, айшу ишрат замонам ўтди,
Босиб чангу ғурбат, ғам-алам ўтди.
Йўл-йўл оқ сочимдан равшан бўлдики,
Йўқ умрим юз йўлдан еб барҳам, ўтди.

110

Қилмиш-қидирмишдан кимки бохабар,
Заифларга зулм қилмас, алҳазар.
Кескир бир болтага айланур шиша,
Бирдан ўтда эриб кетса у магар.

111

Бедил, дўст-душманни қилсанг имтиҳон,
Таъби оинасин айла намоён.
Бераҳмлик бўлур золим хилватда,
Яланғоч тиғдир ггўст ташлаган илон.

112

Қарилик ғорати айлади шиддат,
Танда тоб қолмади, кўнгилда тоқат.
Бизга ҳасрат бўлди дўстлар дийдори,
Бизни кўрмак эса дўстларга ибрат.

113

Ҳар бино хароби ўз ободлигидир,
Дил навмедлиги ғамдан озодлигидир.
Сенинг қўлинг ичра нақш солган чўғлар,
Ўзга ой шуъласин бунёдлигидир.

114

Сўздир ақёнуслар бекаронаси*,
Сўздир маъно деган гавҳар хонаси.
Олий назм меҳнату чидам истайди,
Сўзнинг ҳам бор баланд, паст поғонаси.
__________
*Бекаронаси — чексиз-чегарасиз

115

Фақирликда пўстинг етса суякка,
Сир бой берма дўсту душман юракка.
Эҳтиёжинг билсин фақат шул киши,
Ҳожатинг чиқара олса у якка.

116

Эй ғофил зоҳид, ҳеч зикрингда йўқ ҳақ,
Сўзларинг, қўшиғинг маъносиз мутлақ.
Бемаъни зикрингга мос тушса тасбеҳ,
«Ҳай-ҳай» деганинг ҳам маъноси тақ-тақ.

117

Борлиғимдан асар—нафаси сардим,
Кўрай десанг, кўзгу диддаги дардим.
Мени сўроғласанг ёдимга ташна,
Умримдан қолгани бир ҳовуч гардим.

118

Шаҳидларинг хоки кўз ёшидан нам,
Исириқ дудида бул садодир жам:
«Ишқ даъвоси осон эмас, эй ғофил,
Ҳануз куймокдамиз ўлган бўлсак ҳам».

119

Мартабанинг бўлса жонга ораси,
Ҳар табиатнинг бор ибрат зиёси.
Ҳушёр бўл, очкўзлар табиатида
Бордир кўз илғамас Шаддод биноси.

120

Бу дунёда қандай нақшки жилвагар,
Тасаввур гулзори, беҳишти назар.
Ўзимиздан барча яхши-ёмонлик,
Кўзгуда кўрганинг ўзингдан ахтар.

121

Ким тополса мухтож бўлмаслик йўлин,
Фуқаро-ю шоҳга чўзмагай қўлин.
Ҳар фурсат ғанимат эканин билар
Кимки қаноатга тўлдирса кўнглин.

122

Ҳирс аҳли васвасадан тиёлса қадам,
Очкўзлик шу ондаёқтопади барҳам.
Яъни тамаъ қўлин тортгани замон,
Илтимосдан юмилар унинг лаби ҳам.

123

Ўз васфида олим гуфтори қизиқ,
Ўз ишқида мажнун ашъори қизиқ.
Бу даштнинг қумлари тўзғиб битгунча,
Лофу ҳангоманинг бозори қизиқ.

124

Танҳо бекасликни кўзлаган одам
Жамлаган нарсаси фақат дарду ғам.
Бизнинг хонамизда сенинг юзингсиз
Тутаб куяр, аммо нур сочмагай шам.

125

Бу боғда ўсмишдир минг тур гул, тикан,
Минг ҳайфки тагига ета олмайсан.
Дин, дунё ишидан эшитганларинг
Яхши-ёмонлигинг таърифи экан.

126

Қисқармоқлик бўлгач ҳаёт ўсмоғи,
На ҳожат ноз ила безак бермоғи.
Бу базмда шамдек ўлтирса ҳамки,
Турмоққа ҳассадир бошдан-оёғи.

127

Яна нигоҳимиз мисоли чаман,
Ёр васли юз кўклам—наврўзча экан.
Бул куни кулбамиз қуёш хонаси,
Кўзимиздан борлиқ чироғи равшан.

128

Истак қўли доим талабда бебок,
Уни қисқартмоққа қистайди идрок.
Ҳар гал енгдан қўлинг чиқарган чоғинг,
Ҳар битта бармоғинг этар ёқанг чок.

129

Фақир хонангда барқурмаса ҳиммат,
Ҳар қайда ҳамроҳинг хорлик, ҳақорат.
Шоҳга яқинлиқда ифтихоринг зўр,
Ўз ҳазратларига йўқ-ку ҳеч ҳурмат.

130

Осмон бўлсанг ерга эгилмоқ яхши,
Тупроқ бўлсанг кўкка интилмоқ яхши.
Нотавон, бечора бўлмағил зинҳор,
Ғайратда, ҳимматда бўл порлоқ, яхши.

131

Рамз гавҳарин пардасиз Бедил термас ҳеч қачон,
Баҳор чечакларидай йиғиб, этмиш у пинҳон.
Раъно гулин минг рангда оча олган бўлса ҳам,
Тушунганлардан бирин айта олмади ҳамон.

132

Фитрат афсунгари кўп ғайрат этди,
Хомлар ишончига нима наф етди?
Юз шукрки Исо, Маҳдий қиссаси
Имонининг сустлигин кўтарйб кетди.

133

Қайда мурувватдан сув ичса одам,
Вафодан бошқасин меваси алам.
Фақирликни билма нотавонлик деб,
Лаб қуриб қолса, тил унга берар нам.

134

Илдиз узсанг, уруғ хаёли ватан,
Илдиз пайдо бўлур яна уруғдан.
Янгиланиш эски осоридандир,
Янги равнақига эскиси маскан.

135

Кўк паргорида бош-оёқ бажо—ҳар иккиси бир,
Шоҳларнинг тожи—ҳассойи гадо—ҳар иккиси бир,
Пастлик-баландлик фарқин қилмоғинг бехабарликдан,
Оёқда халхолми*, бўйинда тавқ ё—ҳар иккиси бир.
_________
* Xалхол — раққоса оёғига тақиладиган кумуш ёки олтин ҳалқа.

136

Кеча чаманим куйи урди бошимга,
Наргис куйи маъқул келди қошимга.
Зар оғиз кўм-кўк най нималар дермиш:
Билолмай кетибман келмай ҳушимга.

137

Роз оламида ҳар ким борар илм йўлидан,
Вазминлиги гувоҳдир унинг илми мўлидан.
Сувдан чиққан ҳар кўза бунга мисол бўлади,
Ҳажмига лойиқ олар оғирлик сув қўлидан.

138

Юз шевадир мен ёзган ашъор,
Ёзмадим уни мен бир кунда, якбор*.
Таврот эмаски унинг ҳаммаси,
Тушса осмондан бир йўла тайёр.
_________
* Якбор — бирданига.

139

Мардлар «у йўқ, бу йўқ» демаслар асло,
Орзу кўп ғамидан қилишмас ғавғо.
Мард бўлсанг холи бўл бўш фол боқишдан,
Фолга ишонолмас мард ақли расо.

140

Таъбингда бўлса гар шодликдан асар,
Хулқинг яхшилашга енгингни шимар.
Сайқалтошнинг ўзи текис бўлмаса,
Қилолмас ойнани текис, жилвагар.

141

Ҳурлик корхонаси асли бу дунё,
Бунда паст-баландни ажратмоқ хато.
Билсанг агар бой ким, гадо ким бунда,
Ҳеч кимга беодоб бўлмайсан асло.

142

Сакраб бўлмас бўлса оёқда тикан,
Ғам кетмаса айш ҳам етишмас экан.
Таъб эркинлигини истайди олам,
Нодон оёғида мол-дунё кишан.

143

Қай шеърда йиртилса пардайи унвон,
Мактуб рамзи бўлур яланғоч-урён.
Хаёлга не келса ёпиқ қолмагай,
Сир бўлмас, бўлмаса дилингда ниҳон.

144

Эй мастлар, қувноқлик шаъми ўчмишдир,
Қаро кечада тонг ёддан кўчмишдир.
Қаҳва ичиб, шодлик кетидан йиғланг,
Кайф мотамида май қаро кечмишдир.

145

Гоҳ Каъбада қилдинг тавба-истиғфор,
Гоҳи бутхонада бўлдинг оташкор.
Ҳеч нарсага куйдинг, ўзинг ҳам ҳечсан,
Лаънатлансин бундай тасбеҳу зуннор.

146

Вафоли, маст-аласт кишидек тақдир,
Юмшоқ табиатни кўрсатиб бир-бир,
Зоҳидларга боғлаб зоҳид соқолни,
Риндлар пиёласин риндга бермишдир.

147

Эй вафо ахлоқин асл жавҳари,
Жанг эмас, сулҳ бўлсин аклинг сарвари.
Дилингда бировга қўзғалса нафрат,
Рангинг ўчмай, ўгир юзинг, кет нари.

148

Хожа ҳирсин ғалаёни доимий бир ҳол,
Хотиржамлик ундан йироқ, тинчимас хаёл.
Кимнинг агар ҳирс-ҳавасга кўзи тўймайди,
Унинг гадо косасини тўлдирмоқ маҳол.

149

Бу ҳаёт гулханин дуди сену биз,
Куймак, қоврилмоқдир ишимиз, эсиз.
Осудалик гумон қилмангиз бунда,
Дилда олов, аммо совуқ оҳимиз.

150

Шоҳ саройидан обрў топмайди одам,
Унда тубанликларнинг ҳисоби йўқ ҳам.
Иззат десанг қаноат бурчагида бўл,
Пастларга тобеликка арзимас одам.

151

Пастда кўк экинзор, устида осмон,
Ҳар кўкат баҳори ўзгадир аён.
—Нега кўзинг юмуқ?—десам буғдойга,
—Жим, кўзим ўнгида, —деди,—тегирмон.

152

Бу дашт қоронғидир, Бедил, сарбасар,
Ҳар ким ҳар ён кетди, қайтмади дигар.
Мен, сен ҳам кетамиз, ўзгалар келур,
Кўплар ўтдилару, яна кўп ўтар.

153

Дўстлар ҳавас-ла нафас олдилар бекор,
Не меҳнату заҳматга бўлдилар дучор.
На йўқлик бағрин, на борлиқ осмонин
Тополмай бекор яшаб, ўлдилар бекор.

154

Эдик на динга, на дунёга муҳтож,
На бугун, на эрта — фардога муҳтож.
Баҳри мутлақ иссиқ мавж урди шундан,
Бўлдик ўзимиздек аълога муҳтож.

155

Олма ёд шахматдан, эй шоҳ, тахтга минмоқ санъатим,
Бўлма мағрур сен кўриб шахмат сипоҳи савлатин.
Кимки муҳтожларга одоб бирла боқса, шоҳ эрур,
Бул ўйиндан «шаҳ» деганда ол ҳайиқмоқ ибратин.

156

Эй тахту бахт хаёлидан тутган лиммо-лим қадаҳ,
Ғурурдан тўлдирма ҳеч хунга бетиним қадаҳ.
Бунда кайф бермайдиган майга фақат бўл таслим,
Ерга пешона уриб, кўтаргил таслим қадаҳ.

157

Биздан на ишқ, на ҳавас қолажак,
Оҳимиз тўлган бу қафас қолажак.
Фикримда абадлик лек нафасим дер:
«Умр карвонидан жарас* қолажак».
________
* Жарас — қўнғироқ овози.

158

Зоҳид табиати совуқ мисли ях,
Уни иситолмас ҳаттоки дўзах.
Шаклга кирмаган она қорнида,
Иссиқда ҳам қотар тухумдек, аблаҳ.

159

Сабримиз ғорати ул шўхи маҳтоб,
Танҳоликда бизни айлади кабоб.
Кўз қорачиғимиз оёғин нақши,
Қадамин гардидан кўзимиз офтоб.

160

Бедил, ишга кишилар бўлсалар яқин,
Соядек оёғингда бўлур сарнигун*.
Сенинг сўзларингни фаҳм этолсалар,
Ўзлари бўларлар маъно-ю мазмун.
_____________
*сарнигун — тескари.

161

Бу жаҳон иқболи ҳашам истайди,
На фазлу, на таълим, чидам истайди.
Ҳўкиз ва эшақдан олингиз сабоқ,
Ҳатто улар шох ҳам, дум ҳам истайди.

162

Кўплар гердайиб ўз ҳолидан, ўйнар,
Мавж урган кўпик хаёлидан ўйнар.
Ҳаяжонсиз эмас баҳор гул гашти,
Товус ҳам шодланиб болидан*, ўйнар.
__________
*Болидан — қанотидан.

163

Бу ҳаёт майдонида бардошли инсон ўзга,
Ҳавас отига миниб, қилувчи жавлон ўзга.
Текшириб бил маънисин, бўлгил тақлиддан узоқ,
Соқолликлар ўзга-ю одами мардон ўзга.

164

Бу даштда интилиш карвонлари бор,
Йўловчи шиддатин нишонлари бор.
Камолга бир йўла етиб бўлмайди,
Тўлин ой йўлида нарвонлари бор.

165

Нечоғлик бўлмасин инсон камоли,
Кўкда Исо, ерда Илёс мисоли.
Ҳаёл ҳалқасидан ҳеч ким чиқолмас,
Бари сирланган тос ичра чумоли.

166

Кўпиксиз, мавжсиз бу ҳаёт уммони,
Ҳар томонда қайнар кўнгил тўфони,
Фалакнинг авжидан ер қаъригача
Куйдириб қайнайди инсоннинг қони.

167

Минг қатла тўлқинни маҳв этар тўфон,
То бўлгунча дона, бир дур намоён.
Одам умри бўйи ҳавас кетида,
Токи одоб олиб бўлгунча инсон.

168

То фазлу ҳунар-ла безанмай инсон,
Бирон бахт эшиги очилмиш қачон?
Жавҳар билан темир бўлади пўлат,
Илмсиз ўз жинсидан чиқмоғи гумон.

169

Дўстлар гар мени сендан жудо кўришар,
Лекин у бехабарлар хато кўришар.
Соя узоқ тушса ҳам ўз эгасидан,
Оёғин остида жо-бажо кўришар.

170

Молу ҳол йўлингга экилган тикан,
Ундан қутулиб тур осонлик билан.
Этакка ёпишиб йиғилиб қолса,
Териб ташламоқлик кўп заҳмат экан.

171

Умрим олиб кетгач йўқлик карвони,
Омон қўйди дунё жанжал-талони.
Шам каби қидирсам тинчлик ковагин
Қадамим тагида экан нишони.

172

Йўлбарс ила шерни енгган мард киши,
Бўйин эгиб турса, бу ҳаё иши.
Таёқ урмоқ бўлса агарда мардлик,
Ўтарди савағич чўпин саваши.

173

Дўстлик тушунчадан қолмади асар,
Вафодан нишон йўқ, риё жўш урар.
То яхшилик ҳаққин қилмай муқаррар,
Ифодага қашшоқ ҳар шеърий асар.

174

Бу чаманга кимнинг тушибди йўли,
Бордир бу баҳордан орзулар мўли.
Маъюс дил билан ҳам шодмен ёдингдан,
Синиқ кўзгунинг ҳам бор ўнгу сўли.

175

Қайси бошда бойлик ғурури аён,
Фазлу камол завқи камдир бегумон.
Бундай ақлсизлар маъни англамас,
Зар чизиқни кўрар варақлаб «Қуръон».

176

Шошмоқ, инкор этмоқ худнамога хос.
Тўғрилик, еоғломлик бенидога хос.
Жаҳон талаб этган олам хабари,
Пахта тиққан қулоқ бедавога хос.

177

Қарилик гуллайди мисоли баҳор,
Безакка бойдир бу фасли интизор.
Кетмак пайида бўл соқол оқаргач,
Бу пахта тагида учқуни ҳам бор.

178

Қабри тошдан бўлур бой бўлса нобуд,
Мозорин қилишар сийму зарга бут.
Фақирликда ўлса дониш эгаси,
Оддий бир тахтадан ясашар тобут.

179

Карам дастурхони ёйилган нафас,
Бахиллик дилингдан йироқ бўлса бас.
Таъбингда бор эса инсоф жавҳари,
Димоғингда бўлсин ҳасадмас, ҳавас.

180

Ҳар ишда ўзига яраша кўшиш —
Бўлса поёнига етади ҳар иш.
Ғурур ҳаддан ошса ҳис-туйғу қолмас,
Тирноқ ўсса қийин тугунни ечиш.

181

Бу дардисарларки, ғаразга бобо,
Жиннилик жавҳарин қилишар ифшо.
Бадҳазм луқмадек мараздир булар,
Қочиб қутулмасанг, топмассан даво.

182

Мумсик бой олдида ўлим нақд бўлди,
Заридан бир табиб қисими тўлди.
Тиллоси сарф бўлиб кетганидан бой
Сиҳат топган чоқда қайтадан ўлди.

183

Қайда қилча зидлик кўрса гар мардум,
Шунда бўлур олам дўстлик ипи гум.
Бир томчи сиркадан ачийди бари,
Агарда тоза сут бўлса ҳам юз хум.

184

Бу дунё заҳматга арзимас бир иш,
У дунё — асоссиз хаёлга юмуш.
Бу икки маъносиз сўз таҳририга
Сиёҳ бўлмасмикин қоронғи бир туш.

185

Қанчалар Симоку* самак* бўлади,
Ё ул ёқда мулки малак бўлади.
Ҳар қачон ўзингга назар ташласанг,
Жойинг доим зери фалак бўлади.
________________
* Симоку — Асад буржидаги юлдузнинг номи.
* самак — балиқ.

186

Зоҳид еру сувга бўлмоқчи ҳоким,
Гаҳ таҳорат нози, гоҳи табассум.
Салласин печи-ю соқолдан ўзга
Бирар нарсаси йўқ, бу эшакка дум.

187

Дейдилар янги соз ва шодлик боҳам,
Тун кетса, тонг отса, келса сафид дам.
Бизга йироқ бундай нозик хаёлот,
Сен келсанг, шу замон биз учун байрам.

188

Ҳар неки тингладим—сенинг баёнинг,
Ҳар нимаки кўрдим—сенинг нишонинг.
Қайда бошим уриб, қилдим саждалар,
Кўзим очиб кўрсам, сенинг остонинг.

189

Токай висолингдан ўзга бўлур шод,
Рақиб вайронаси сен бирла обод.
Муштоқинг жигари «оҳ»дан қоғоздек
Ёнмасин, йўл қўйма, элитмасин бод.

190

Кечаги шоҳдеди: «қирилсин соқол»,
Буниси «қирманг» деб амр этди дарҳол.
Зоҳиран назар қил булар ишига,
Ё бир тук кўпайди, ё топди завол.

191

Қасд айла, ҳеч кимни ранжитма фикран.
Кудурат уруғи бўлмасин хирман.
Агар душманингни дўст қилолмасанг,
Шундай қилки, дўстинг бўлмасин душман.

192

Иш кўнгилдагидек, эй воҳ, бўлмади,
Дил қон бўлди, бахтдан огоҳ бўлмади.
Тасбеҳдан чўзилиб ётар умр иши,
Оёқ қабарди, йўл кўтаҳ* бўлмади.
_________
*Кўтах — қисқа.

193

Қул бўлайин ул кишига, бўлмаса у гар номард,
Совутмаса ҳаё, одоб ҳангомасин айлаб сард.
Ўзи хуноб бўлганда ҳам ёпишмаса бировга,
Ўзи гард-гард тўзганда ҳам юқтирмаса дилга гард.

194

Ҳар юрак тепишин бор ўз навоси,
Ҳар бошнинг шуъладор бордир ҳавоси.
Не сўрайсан нафас асирларидан,
Ҳар занжир ҳалқасин бор ўз садоси.

195

Бу ғамгин нафаснинг таъби хўп мавзун,
Ғунча тўла баҳор бу дили пурхун.
Сўз парисин осон эмас сеҳрлаш,
Фақат куйган нафас кўрсатар афсун.

196

Кимки ғанимат деб ватандан кўчар,
Бошқага ҳам кўнгил қўёлмай ўтар.
Учқун тошдан ажраб чиққанидан сўнг,
Қанча ардоқлама, бари бир ўчар.

197

Ҳез ёнида мард ҳам номард бўлади,
Беҳиммат, беғайрат, бедард бўлади.
Гар оташ юз йилча шуъла сочса ҳам,
Бир дам сувга ботса шул он ўлади.

198

Бу дўстлар бир-бирига қуллуқ қилишар,
Бир-бирига бош эгар ҳам бўйсунишар.
Бир нафас ажраса бир-бирларидан —
Кесилган бўғиндек хунук кулишар.

199

Забт этайин десанг сен илму ҳунар,
Инсоф, камолни эт ўзингга раҳбар.
Бедилдек пухта шеър ёзайин десанг,
Пўлат қалам бўлсин, сиёҳ эса зар.

200

Юз ҳайфки мулло шошмоққа мойил ўлди,
Олим бўламан деди-ю, жоҳил ўлди.
Яъни билим лофи орада қўпгач,
Маънавий озуқа беҳосил ўлди.

201

Қайдаки мавжуддир лутф ила карам,
Ул киши таъбига илиқликдир зам.
Яхшилик истаманг совуқ кишидан:
Музлаган чечакнинг иси жуда кам.

202

Хуррамликда қашшоқ бизнинг бу кишвар,
Роҳати ҳам мотам билан баробар.
Янги чақалоққа ичиришар сут,
Ҳаёт ҳавосида бор экан заҳар.

203

Гўзаллар дунёда қулф урган баҳор,
Хоҳ хитойлик бўлсин, чигил ё тотор.
Аммо фарангининг ҳуснидан билдим:
Бу дўзахийларда ўзга жаннат бор.

204

Бу биёбон ичра ҳар туп чакалак,
Мажнунга кўринар Лайло уйидак.
Ишқ аҳли қабрига зиёратда бўл,
Беш кун олдин эди осмону фалак.

205

Сўзинг авжи жунунликка ташлар каманд,
Кўп қизишиб, кишйлардан кулма ҳарчанд.
Зинҳор жим бўл, сиқим тупроқ кўкка учса,
Чанг бўлса ҳам чиқа олур жуда баланд.

206

Кўз ёшим киприклар бесабот ўйнар,
Оҳим қоқиб жигардан қўш қанот, ўйнар.
Ёдинг билан рақс тушади дилим,
Номинг билан тилим ғамга ёт, ўйнар.

207

Қариликдан ҳаёт асоси барҳам,
Бўғинлар қурқшади, киприк эса нам.
Қош уюлиб тушди кўзлар устига,
Эски уй пештоқи бўлганидек хам.

208

Шундай рамз борким, доғ бор ойда ҳам,
Бундан ибрат олур ҳақиқий одам.
Оёғи остида қора соя бор,
Ҳатто у фалакка бўлса ҳамки шам.

209

Токай фириби чангу най ғамин ейсан,
Ё ишвайи баҳору дай* ғамни ейсан,
Қомат хам бўлди-ю, айшдан дарак йўқ,
Қадаҳ тўнкарилган, май ғамин ейсан.
______________
* Дай — қиш.

210

Ҳирс юкини қачонгача кўтарар инсон,
Эҳтиёждан фориғ бўлса, соф бўлса виждон,
Жаҳду жадал, ҳиммат, карам кетмас эди ҳайф,
Ҳирс гардини босиб ўтса, супурса осон.

211

Бу кураш олами тажрибасида
Ҳар нарсани ечар ҳиммат аслида.
Бунда инсон жаҳди қўшилмас ҳар он,
Қўшилса осмонни кўр ер остида.

212

Ҳақиқатни тўсса шубҳа, афсона,
Кўнглимиз банд этар дайру бутхона.
Ҳақиқатни сезгач чекинар улар,
Кундузи келарми шамга парвона?!

213

Жавҳари қудрат бор тил-забонингда,
Ҳақиқат, садоқат бор баёнингда.
Минг ҳайфдир хатолар манбаи бўлсанг,
Жаброил парвози ошёнингда.

214

Ким уйқу, овқатга бўларкан банда,
Мардлиқда сусткашу фақир, шарманда.
Нафсин енгмоқ учун сабот керакдир.
Қилич кесмас даста бўлмаса анда.

215

Табиатингдан ғурур кўтарса гар бош,
Соф кўнгилда ҳам бўлгай надомат йўлдош.
Ғурур офатидан соғ қолмоқ қийин,
Аввал ўзин куйдирар аланга авбош.

216

Фитна қўзғатади кина, адоват,
Оқиллардан чиқса баттар қабоҳат.
Энг равшан чироқдан кўтарилган дуд —
Бошқа ҳамма дуддан қорадир албат.

217

Юз тугун, юз ечим бўлмишдир боҳам,
Токи ўз рангига киргунча олам.
Дилтанг бўлманг, кўкда ҳилол мисоли
Калити осиғлиқ ҳар эшикнинг ҳам.

218

Букун бутун олам суханвар бўлди,
Шеърият фаҳми ҳам мушкултар бўлди.
Шеърият ривождан қолса не ажаб,
Шоирлар товушидан қулоқ кар бўлди.

219

Фитратингдан жудо бўлмасин ҳаё,
Оёқ остингга боқ, бўлма бепарво.
Бунда яланғочдир яхши-ю, ёмон
Кўзгу бўлма, шуни истайди ибо.

220

Қайсар таъбига ранг беролмай ҳайрон,
Тилига зўр берар ақлсиз инсон.
Ёғи тамом бўлган чироқ пилигин
Кўтарилиб турган сингари ҳар он.

221

Паст кишига ёрдам берма, арзимас,
Тарбияга лойиқ эмасдир нокас.
Фақат адоватга хизмат қилса тиғ,
Қилма унга сайқал бермоқни ҳавас.

222

Инсон танасини айлаб имтиҳон,
Қайгаким қарама тугун намоён.
Қазо шунча бўғин-тугун солганким,
Ўлмай қутулмоққа қолмабди имкон.

223

Ранжимни кўзлашар бир тўда бекор,
Умр бўйи ранжда бу дили бемор.
Сендан йироқдея бу ошиқи зор
Бедилга беришар тинимсиз озор.

224

Фалак гарданимизга ортган юкни боқ,
Ҳимматимиз кўтарар, аммо тоқат тоқ.
Шам шуъласи бошидан тушар оёққа,
Иши хоҳ нур сочмоқлик, хоҳ бўлсин ёнмоқ.

225

Умримга надомат бўлди ҳамоҳанг,
Юз билим, юз жунун менга кўндаланг.
Умр бўйи нолам йиртар нафасим,
Ким ҳаёт либосин тикмиш бунча танг.

226

Неки гўзалликка эгадир жаҳон
Ҳиндустон диёри барига макон.
Қорача жононлар бари марғубмас,
Лек Лайло ватани шаксиз Ҳиндустон.

227

Истак димоғига баҳс олмишдир йўл,
Ҳакиқий бойликдан, деди огоҳ бўл.
Қўл қовуштиргандим талаб шармидан,
Ҳар икки дунёдан бирдан ювдим қўл.

228

Халққа ибрат сози созланмади, оҳ,
Яхши-ю ёмондан бўлмади огоҳ.
Ҳар жойда сўқирлар йиғини экан,
Сурма бўлдик, равшан бўлмади нигоҳ.

229

Бу дунёда не-не фитна сурдилар,
Нафс учун ҳар қандай йўлга юрдилар,
Одоб нима билмай бир-бирин сўкиб,
Мазҳаб биносига асос қурдилар.

230

Қачон ахлоқ шармандалик келтирар яланг,
Унда ҳаё қофиясин ҳоли бўлур танг.
Сув ҳам кўрса ҳавонинг совуқлигини,
Нафасини тортиб ичга бўлар муз-харсанг.

231

Ёр келди, афсун-ла олди ҳушимни,
Ҳайронликдан билмай қолдим ишимни.
Ёрга ҳар мўйимнинг арзи бор эди,
Оёғига унсиз урдим бошимни.

232

Қачон дилим илму фанга ёр эмас эди,
Қинғир-қийшиқ юрмак менга ор эмас эди.
Икки жаҳон огаҳлиги солди дилга ғаш,
Қанотим йўқ экан—қафас тор эмас эди.

233

Кимки нокасларга қарам бўлади,
Номард олдида ҳам мулзам бўлади.
Агар шер кучукка бўйсунар экан,
Обрўси мушукдан ҳам кам бўлади.

234

Айбдор ўз айбин қилганда изҳор,
Уятсиз кулгисин бошлар нобакор.
Кишилар айбига камроқ кўз юмиб,
Кўпроқ оғзин очар бундай шармисор.

235

Сени пастга урган ҳирсинг эмасми,
Фолингни бад кўрган ҳирсинг эмасми?
Шоҳ, амир эшигида итоат билан
Қўлинг қовуштирган ҳирсинг эмасми?!

236

Қайси калтабинки, халқидан жудо,
Амал деб бўлганди далқидан* жудо.
Оёғи остида не бор кўрмаган —
Ҳавойи бу бошдан бўлди тан жудо.
__________
* Далқи — дарвешларнинг жун кийими.

237

Эй, теракнинг барги каби титраб турган чол,
Ҳам тоқатдан ўзга умид топмоғинг маҳол.
Умр видоси номусини елга учирма,
Эл эшигин супурмасин бу оппоқ соқол.

238

Баланд мартабага минса паст киши,
Фалак ақл бермас, пастлик қилмиши.
Оёқда қабарчиқулар калласи,
Кўпчиб чиқса фасод йиғмоқдир иши.

239

Ёр суҳбати тун, гул сайри саҳар истайди,
Ҳар соз ўзга таронайи дилбар истайди.
Қарисам-да ажралолмам лаъли лаблардан,
Тишсизлигим оқ сут бирла шакар истайди.

240

Менга боқиб кимнинг кўзи бўлмас нам,
Ҳолимга, афсуски, кимлар емас ғам?
Дўзахга тушсам гар, мендан уялиб,
Кавсардан ортиқроқ терлар олов ҳам.

241

Қайда иқбол агар офатга ёндаш,
Аввал ақлсизлар дилин босар ғаш.
Давлат чиқишолмас нокаслар билан,
Хору хасга тушса ёндирар оташ.

242

Уят-ку, қалбингдан кетмаса даъво,
Бошингдан чиқмаса ғурур ва савдо.
Нам тупроқни шамол қўзғата олмас,
Ҳаё аҳли бўлмас амалга шайдо.

243

Кимнингки раҳбари бўлибди ҳаё,
Уни маҳв этолмас офат ва бало.
Оёғин остига боққан кўзларга
Бу ҳавас даштида чанг тушмас асло.

244

Дил биносин умр табоҳ* қилади,
Бизларни на гадо, на шоҳ қилади.
Олган нафасимиз қўлдан келганча,
Хат тортиб варақни сиёҳ қилади.
__________
* Табоҳ — бузуқ, вайрон.

245

Бедил, ором ҳаваси берди кўп озор,
Ўзни тиявериш қилди кўп безор.
Дилга фароғат ҳам келтирар кулфат,
Умр ипи чувалиб бўлди тугундор.

246

Ёпилмади ҳирснинг ҳаёсиз лаби,
Бедил, йўқолмади унинг талаби.
Орқа-ўнги кўмилиб кетса ҳамдонга,
Оғзи ҳеч ёпилмас тегирмон каби.

247

Дўстлар, ибрат гулин этинг этакларга жам,
Ҳар мотамда йиғлайверманг, бўлинг хотиржам.
Мен ёримдан олисдаман, ўлим мана шу,
Гар кўзингиз бўлса менга тутингиз мотам.

248

Эл аро одобдан афсона қолди,
На хешни билиш, на бегона қолди.
Шахмат донасидек бир-бирин қириш,
Охири на бир ғишт, на хона қолди.

249

Агар ишқтабиби тополса дармон,
Қуруқ таскин керак эмас бегумон,
Ҳар куйганга бордир ўзин тузлиғи,
Иссиқ кул тўзғиса чўғ чиқар осон.

250

Дўстлар, на ёру, на ағёрға йиғланг,
На вафот этган, на беморга йиғланг.
Улфатлардан айрилдим, менинг дардим зўр,
Барчани қўйингу, мен зорга йиғланг.

251

Кўзларим йиғларми бирор одамдан,
Ё дилим қуршаган қайғу-аламдан.
Шам каби ҳар нафас кўз ёш тўкаман,
Йиғларман ўзимга тутган мотамдан.

252

Дўстликдир иттифоқ бўлиб йиғилиш,
Бир-бирдан ажралмай соядек юриш.
Бу вафо базмида ундай дўстдан кеч,
Кейин келиб, олдин кетса мисли тиш.

253

Ҳар бир рамз сен билан менда, эй инсон,
Нозик фаҳмларга бу сирлар аён.
Ёқуб димоғидек нигоҳ пайдо қил,
Юсуф ўз кўйлаги бўйида ниҳон.

254

Эшак керилади, тўқими заррин,
Аслида на одоб бор унда, на дин.
Султон амалидан керилган одам
Камолга етказар ўз қабоҳатин.

255

Келганида эрта қиёмат замон,
Осийларга раҳмат ёғилур чандон.
Бедил ҳазил-ҳузул ёзган бўлса-да
Малакларга тасбеҳ бўлур у ҳамон.

256

Чаман шавқи уйдан чиқорди бир кун,
Гулда сеҳр кўрдим, лолада афсун.
Наргис жигаримга ўт ташлаб, қилди
Кўзимни баҳору, ўзимни мажнун.

257

Боғман, юз хил рангу бў кўрсатаман,
Денгизман, юз наҳру сув кўрсатаман.
Эй сир излагувчи, мени унутма!
Охир ундан ҳам белгу кўрсатаман.

258

Денгиз мавжи қатра оддий сув аксар,
Дурга қўшилди-ю бўлди у гавҳар.
Сўз асли шамолу шоир назмида
Мавзун бўлгач ўлди Садди Искандар.

259

Букун ўзгаришга учради замон,
Ҳатто аёлларда мардлик намоён.
Шундай кетаверса бола эмизмоқ
Эркак зотига ҳам бўлади осон.

260

Бу қавмни фалак султон дер экан,
Ҳузурида суринг юмшокроқ сухан.
Мусо қўрқмаса ҳам ҳеч Фиръавндан,
Ҳақ сўзин етказар хўп одоб билан.

261

Дашту роғ ҳаваси қийнамиш бул кун,
Ё боғ савдосига дил бўлмиш тутқун.
Боғу роғда пароканда дилингни
Жамласанг топурсан фароғат мулкин.

262

Гадо либосида келдингиз, аммо
Асил маконингиз юксак ул само.
Меҳрибонлик қилинг бир-биринтизга,
Осмон эдингиз-ку, бўлманг зери по.

263

Шайху зоҳид ҳаддан ортиқ кўп бўлди,
Камолот вароғи риёга тўлди.
Зуҳду тақво эди инсонлик фахри,
Нодонлар дастидан шарм ила сўлди.

264

Бедил, бу уриниш то абад нима,
Бу ҳавасда айт-чи хубу бад нима?
Қидириб-қидириб кетдилар кўплар,
Ҳеч кимга маълуммас ки мақсад нима?

265

Бу қавмки, бўлмиш мадрасага жам,
Биласанми қайдан бўлмиш мукаррам.
Эгар-тўқим лозим эшаклар учун,
Шуларни топмасдан бўлмишлар одам.

266

Агар қиёматга етолса йўлим,
Кўрардим жаннатнинг гулларин сўлим.
Дўзах оташининг бутун ёлқини
Арзирди бир бора чекмакка чилим.

267

Мардум аро кибру ҳасад кўп экан,
Билмоқ керак барин ким ҳадя этган.
Шайтон мурда эди, эътиқод аҳли
Шам ёқиб мозорин этдилар равшан.

268

Ибрат боғи жисми узра эрталаб
Очилмишди мотам гуллари юзлаб.
Аммо бу табассум ё ёқа йиртиш—
Эканин сўрашга ҳеч ким очмас лаб.

269

Бошимга тош тегди, оёғимга хор,
Юрак хун бўлди-ю, лабларимда зор.
Ҳайҳот, қайга борай, нималар қилай?
Сендан узоқда мен охир бўлдим хор.

270

Ишимиз ибрати раҳнамо қачон?
Дил нечун беҳуда уринар ҳарён?
Юринг, қайга элтар нафас мазҳаби,
Бу силсила қайда топажак поён?

271

Самимий сўзламоқ бўлди бой бирпас,
Дарвешликсиз кам-кўст ҳеч тўлиқ бўлмас.
Қорин тўлаликдан келур кекирик,
Меъда бўшаганда бир текис нафас.

272

Нафас хун бўлди-ю, лабда йўқ фарёд,
Муродга етмади бу дили ношод.
Умр мавҳум ўтди фаромушликда,
Ҳатто ўзимизни қилолмай кушод.

273

Бедил рубоиётин санъати бордир,
Ҳақу ноҳақ жаҳоннинг сурати бордир.
Баъзан қасру ҳурларга бўлур оина,
Баъзан кишан, занжирда ҳолати бордир.

274

На ёмонлик кўрдинг май, рубобдан,
Бедил Тавба нечун истадинг меҳробдан,
Бедил. Раҳматимдан юмибсан умид кўзини,
Қўркибсан-да, гуноҳу азобдан, Бедил.

275

Баланд-пастлар қўшилиб қолсалар агар,
Паст табиати ғолиб келар ҳар сафар.
Тоза сув тиндиролмас лойқа сувни ҳеч,
Лойқа сув тиниқни зумда лойқатар.

276

Кўп ўйин кўргазар бу чарх биноси,
Алвон-алвон издир чаманороси.
Гоҳ ёшлик, йигитлик, гоҳи қарилик...
Умр ўтару бордир хўп тамошоси.

277

Баъзилар келишар деб илму ҳунар,
Баъзилар келишар истаб симу зар.
Хаёл қасри ичра ҳавас нарвонин
Қай поясидалар, шунча олишар.

278

Баъзилар хаёлда толиби жаннат,
Букун ҳалок этар эртанги ишрат.
Табиатларида тамиз бўлмагач,
Бежо хаёлларга асир, беуят.

279

Баски дилим сенинг хаёлингга банд,
Ғам қаноти солмиш соясин ҳарчанд.
Ўлгач, тўзғиб кетса ҳамки, киприклар
Сендан умид узмас чанг бўлса гарчанд.

280

Борлиқнинг таҳлили нақд назар бўлур,
Шубҳа вайрону ҳақ муқаррар бўлур.
Али бундай қилди, Бубақр бундай...
Булар дин, афсона, эртаклар бўлур.

281

Дунё ибратидан дидда ғам бунёд,
Кошки бўлолсак бу ҳасратдан озод.
Ўлдик ҳеч қулоққа етмай оҳимиз.
Фарёд, бу бедаво ғашликдан фарёд.

282

Бир инсонман, дилим тинмас тепишдан,
Қондаги орзу деб тинмам чопишдан.
Шам кабй бир жойда турганимда ҳам,
Йўлим ипи аниқ менга кўп ишдан.

283

Гар сатру сўз билан китоб хуш келур,
Ҳарифлар деса: «гул», «шароб», хуш келур.
Бодасиз не фойда фаромушликдан,
Афсона уйқуда савоб, хуш келур.

284

Сахийлик лофини урар бадавлат,
Шайх раҳнамоликни қилар қироат.
Бу боғ ичра бизлар бесамар гулмиз,
Биздан талаб айлар хушбўйлик фақат..

285

Ибрат кўзи бирла кўриб зебони,
Хунук нуқсон, камол, лафзу маънони,
Ғам асири кўриб марду донони,
«Малъун» деб кетишди ушбу дунёни.

286

Билки, тузалмоқчи бўлса ҳам олчоқ,
Макруҳлиги асти бўлмагай адоқ.
Ғусул, таҳоратдан унга не фойда,
Ит ҳўл бўлса тани яна ифлосроқ.

287

Бедилнинг бўлса ҳам кўз ёши равон,
Ҳар қадамига дил-жигари қурбон.
Алам моясидир ҳар бир жудолик,
Видо оҳангини жон сақлагай, жон.

288

Сенингсиз Бедилнинг надомати бор,
Ёлғиз бўлса ҳамки қаноати бор.
Ундай ҳосилдан ҳеч юборма, ё Раб,
Донасида зарра гар миннати бор.

289

Камол аҳли кетди, қадрдон йиғлар,
Ёд этиб файзларин бул замон йиғлар.
Сухандонлар кетди, аммо сўзларин
Мағзин чақиб қалам қора қон йиғлар.

290

Қай дил сезар ожиз тоқат навосин,
Қай ҳуш босар эртак-ибрат ҳавосин.
Кимга етар поймол қумурсқа доди,
Мурувват қўлидан топар давосин.

291

Баъзилар бенишон юртдан жар солди,
«Қайга?» «Қачон?» «Мен...», «Сен...» деб, шошиб қолди.
Охири билдики, кетар йўқликка,
Уятдан кафанга беркиниб олди.

292

Алам каби босмишлар оқ сочлар бошда,
Ўлим сели бошимдан ошгудек қошда.
Эй нодон, иссиқ жонга умид боғлама,
Тафт бўларми кулдек қор босган оташда.

293

Фазлингдан ўзингга наф тегмаса агар,
Тиришганинг билан ҳеч қилмагай асар.
Кўзларинг оч каттароқ, ҳар томон ибрат,
Илдиздан чиқади-ку ҳар қандай самар.

294

Не келтирар бўлса сенга хижолат,
Ҳеч нарса қолдирма гар ўлим қисмат.
Агар пок, мард бўлсанг бола-чақангга
Мол-дунё қолдирма, қолдиргил исмат.

295

Бунда тикансиз гул топилмас зинҳор,
Ишрат хаёлидан чекма кўп озор.
Машаққатсиз бўлмас мардум ороми,
Бу ганж муҳрида, бил афъи илон бор.

296

Бу ичи қаролар бариси бир тан,
Ўлдилар наф кўрмай диддаги нурдан.
Кафан ичра ётар гўё қурбондек,
Лекин фарқи йўқ кул босган кўмирдан.

297

Бир хил бўлур имдод, ҳақнинг зуҳури
Турлича тушунар одам шуури.
Ёқуту биллурда ранг истеъдоди,
Қуёш чашмасидан барисин нури.

298

Кимнинг дили топса оромдан хабар,
Киши суҳбатидан айлагай ҳазар.
Нафас тинмай кўнгил роҳати душвор,
Ип ўтсин деб кўксин тешдирди гавҳар.

299

Бедил сирли шеърин ўқи, яхши боқ,
«Бекорчи нукта кўп жуда йилтироқ»,
Деб мени айблама, олий бир вужуд
Инсонда ҳам бордир ҳиссиз мўй, тирноқ.

300

Инсон яралганда лаб, киприк пайдо —
Қилиб, сўз, кўз йўлин ёпибди қазо.
Заруратсиз очма кўзни ё лабни,
Буниси дил ваҳми, у бошга бало.

301

Ҳар ким ўз ризқини теришга тайёр,
Итга ит, харга хар бўлмас хизматкор.
Бу уят иш фақат одамларга хос,
Бор имкондан қилмиш шуни ихтиёр.

302

Ўз лойидан охир бўлсалар мулзам,
Рақиб давосидан ўзга қалқон кам.
Ҳарифи қаноти остига бошин
Яширар жангда лат еган хўроз ҳам.

303

Зоҳид, жаннат, ризвон савдосини қўй,
Куфр таънасин, имон даъвосини қўй.
Халққа эҳсон айла, худо назарда,
Мажҳул тоат — шайтон ғавғосини қўй.

304

Бошга ташвиш тушиб қилса бетоқат,
Қабр аҳлини бориб айла зиёрат.
Сенингдек серташвиш эди улар ҳам,
Охир туттроқ бўлди, ташвиш не ҳожат.

305

Сенга ором, бенишонлик бўлса манзур,
Фақирларга ошноликдан топгил ҳузур.
Димоғингда шуҳрат завқи бўлса пайдо,
Шоҳу амир ошнолиги бўлгай зарур.

306

Халқ ичинда сен золимлик номин олма,
Ожизларга зулм кўрсатиб, жонин олма.
Очлигингдан ўлганда ҳам зинҳор, зинҳор,
Чумолининг оғзидаги донин олма.

307

Эй оҳим, дилимдан учдингми охир,
В-эй нолам, кўнгилдан кўчдингми охир?!
Кўзим хонасида тополмай тиним,
Кўз ёшим, тупроққа тушдингмй охир?!

308

Серташвиш бу оламда жаҳд айла такрор,
Таъбингда қўполликдан қолмасин осор.
Бир-икки тош бўлса ҳам оёқ остида,
Тойдирар текис йўлдан, унутма зинҳор.

309

Жудо бўлган дўстлар топишиб такрор,
Қонли кўз ёшларин тийса ҳам як бор,
Аммо сирли дўстлик вафо мазмуни
Ҳижрон дамлари, деб йиғлашади зор.

310

Ҳасад гар билинмай кетмиш ногаҳон,
Барибир кишилар таъбида пинҳон.
Тупроқ остида ҳам қайнаб ётади:
Мўйлар бўлиб илон, суяклар чаён.

311

Иззат десанг, пастни йўлдош этмагин.
Жой танла улуғвор сояси тагин.
Дурга етолмассан ариқсувидан,
Эй қатра, маҳкам тут дарё этагин.

312

Бедил, кимнинг ақли нимага қодир,
Фақат шунча ибрат олади охир.
Ғофил дили жаҳон ғамидан холи,
Уй қоронғи бўлса, кўрга барибир.

313

Дунё ишларидан бўлолсанг огоҳ,
Ранжима гоҳ иззат, хўрлик кўрсанг гоҳ.
Дунё иши худди паргор чизиғи,
Оёқ бош бўлару бош—оёқ, эвоҳ!

314

Бир табиб ёнига келиб бир инсон,
Демиш: «Қорним қур-қур қилади чунон.
Ҳазм бўлмайди ҳеч еган овқатим».
Деди: «Ҳазм қилиб, сўнг е-да, нодон».

315

Кўз ёшим ҳам кетди ожизлик сари,
Ҳеч жойга етмади томчилар бари.
Ипдан нари йўл йўқ тасбеҳ донага,
Ашким чиқолмади киприқдан нари.

316

Букун виқор аҳли беҳаё, бадкор,
Таъбига қолмади номусдан осор.
Шахмат тахтасидек ҳар тараф боқсанг,
Юз хона бор, бари бедару девор.

317

Ўзгарувчан олам, бунда кўп найранг,
Шавкатингдан билма бахтингни башанг.
Бунда пасту баланд тафовути йўқ,
Оёқ остдан чиқиб, бошга қўнар чанг.

318

Қилдим кўп имтиҳон, қарз ола кўрма,
Берсалар сенга жон, қарз ола кўрма.
Қарз адоси маҳол, очдан ўлсанг ўл,
Одамлардан бир нон, қарз ола кўрма.

319

Бедил, сол шикаста созингга қулоқ,
Ҳамда бекас дилинг томирин ушлаб боқ:
Бунда йиқилганлар бисёру бисёр,
Ўзингга раҳм айла, қўлинг тут ҳар чоқ.

320

Воиз, афсун билан дилга берма тоб,
Тоза майга бекор қўшма намакоб.
Мижозим тузалмас совуқ дамингдан,
Иссиқ шишага сен урма совуқ об.

321

Афсус, жаҳон ўзи моясиз, бул кун,
Карам пойдевори поясиз, бул кун.
Ҳиммат ҳам пастликка қараб созланган,
Барчанинг девори соясиз, бул кун.

322

Охир маҳв бўлурмиз, олам фусунсоз,
Оқ сочларда қолмас раънолигу ноз.
Оташ ибратгоҳи кул эмасми, кул,
Қанот сингач ерга кўмилур парвоз.

323

Эй қаср аҳли, кулба аҳлидан кулма,
Бахтинг ёш, чолларни масхара қилма.
Фиръавн нима кўрди охир Мусодан,
Эй бой, йўқсулларни нотавон билма.

324

Ўчмишдир мадраса чироғи, бул кун,
Қайнар бемаънилик булоғи, бул кун.
Беҳислик эшагин қоқмоқда мулло,
Кўп баланд нодонлик думоғи, бул кун.

325

Дилим чаман ичра хуррамдир, бул кун.
Жаннат акси кўзга малҳамдир, бул кун.
Бизнинг кошонага диддор келадур,
Байрам, қара, қандай байрамдир, бул кун.

326

Токайгача бу ҳирс ўтида ёнмоқ,
Жонинг таҳликада, сен молга иноқ.
Пилигу хашакнинг ҳақиқатин кўр,
Икков ҳам оғочсиз ёнолмас узоқ.

327

Мен кетдим, даврада даврон жом ҳануз,
Бошларда ҳаво-ю ҳавас хом ҳануз.
Қулоқда тош теккан шишам жаранги,
Ўтган ҳаётимдан бўш пайғом ҳануз.

328

Нотавон ғубормен, мисоли нафас,
Фақат лофга бормен, мисоли нафас.
Баду нек заҳмати яғринимда юк,
Ситамдан абгормен, мисоли нафас.

329

Ишқу ҳавас водийсининг тунида, Бедил,
Ҳар кимсанинг шан мақсади бирор-бир манзил.
Маъзур тутинг, менинг йўлим сўз йўли бўлди,
Умрим ундан яхшироққа бўлмади мойил.

330

Киши то тамиздан ажралмаса гар,
Тилло-кумуш кайфи унга беасар.
Одамзод ҳамма вақт қўйганда хино,
Беҳис тирноқларга яхшироқ юқар.

331

бсмон худди найрангбознинг қўлида қафас,
Фақат ғофил қилур ундан тўғрилик ҳавас.
Афсун ила тўлиқ нақши — паргор чизиғи,
Қай бўлагин олиб боқма эгриликдур, бас.

332

Бу ноз оламидур, бунда ҳар бир кас
Бошқани тушунмас, ўзни билса бас.
Анқо маънисига етмайди чибин,
Анқо ҳам пашшага ҳеч яқинлашмас.

333

Байрам келиб, баҳор гул очди қат-қат,
Ишқу ҳавас билан қайнар табиат.
Қай тарафга кўзим очиб боқмайин,
Айланишар сенинг бошингдан фақат.

334

Эй ақлим қўли, сўз деб бало ёзма,
Ҳақиқатсиз бирор-бир наво ёзма.
Агар ҳақшунослик бўлса таъбингда,
Ёркин қуёш номин қоп-қаро ёзма.

335

Эй жаҳолат бандаси, турмуши ғафлат,
Камолотдан кўп узоқ ва ноқис фитрат.
Бир умр боқийликдан бемаъни баҳсинг,
Насабномантни энди қилма қироат.

336

Майда ташвишдан кеч, бўлсанг баркамол,
Ақл салладамас, бу фикрдан қол.
Одамликдан бир мўй бўлса кифоят,
Айиқдек бош-оёқ бўлмагил соқол.

337

Эътибор оламида шоҳми ё дарвеш,
Ишлари эҳтиётлик деворин қуриш.
Тадбирсизлар доимо офатга нишон,
Тошга бош урар кимда бўлмаса эс-ҳуш.

338

Сирлар оламида дарвеш, бадавлат,
Қидирмоқчи бўлди қайда ҳақиқат,
Неча вақт ёлқиндек қанот қоқди-ю,
Кул бўлиб нафаси ўчди оқибат.

339

Ўзинг-чун май хумидек қайна ҳамиша,
Ўзгаларга хомушлик айлагил пеша.
Зарар кўрмайин десанг баду нек сўздан,
Қулоқда тиқинли бўл мисоли шиша.

340

Мени доғ айлади борлиқдард ғаши,
Умр иссиқ-совуғин айқаш-уйқаши.
Субҳи азал чекдим танг дилдан бир оҳ,
Ҳануз ўчмас ўшал оҳим оташи.

341

Эй ҳаёт мазмунини излаган одам,
Ҳар бир китоб сатрин дилга айлама малҳам.
Бедил «Рубоиёт»ин сайр эт, топурсан
Дарду ибрат, тасаввуф, умр тадқиқин ҳам.

342

Ҳинд марказида то хатти Мултон,
Ҳам Ироқдан тортиб то Язду Кошон,
Қай бир шаҳарники, кўриб ўтмадим,
Аввал кўз кўргани—қаро гўристон.

343

Шоҳми, дарвешми бу жаҳон аҳбоби,
Ҳар бирин орзуси—кўнгил сароби.
Искандар истади оби ҳаёт, лек
Топгани оина ва чашма оби.

344

Шоҳу дарвеш тўлиқ бу зери осмон,
Бир ёқда бойлигу фақирлик бир ён.
Қанчалик баландга кўтарилмасин,
У қасрда бўлмас иккита нарвон.

345

Юз шукрки, турли дину турлича миллат —
Одамлари учраганда кўрсатдим ҳурмат.
Соя каби ҳар тарафга бўлсам-да равон,
Йўл озиғим кишиларга бўлди муҳаббат.

346

Ул нусхаки, бошдан-оёқ пурмаъно,
Ҳар хатда нуқталар бирлиги пайдо.
Кўпчилик бирлашиб азим халқ бўлур,
Денгизда саноқсиз томчи муҳайё.

347

Ўз билимсизлиган билсин, деб Оллоҳ,
Юз ҳунарга дилинг айлади ҳамроҳ.
Игна каби юз хил кийимдан ўтсанг,
Яланғочлигингдан бўлурсан огоҳ.

348

Эй ақл, жаҳлга сен боб бўлмагил,
Мол-дунё йиғишга асбоб бўлмагил.
Илдизинг булутдан сероб чоғида,
Сув марказига интил, ҳубоб бўлмагил.

349

Золим устидаги шоҳи, бахмали
Беркита олмайди таъби дағалин.
Синовдан жуда кўп ўтганки шамшир
Уста қўлин кесар сайқал маҳали.

350

Сургалмоқ бўларкан қай ишга йўлдош,
Тартибга солажак сабр ила бардош.
Бино қуриш фикри гул очар экан,
Меъмор қалбин босар аввалги зил тош.

351

Шоҳликдан, бойликдан айлама сўроқ,
Дунё машмашаси қалбида булоқ.
То бошдан кулоҳин учирмаса ел,
Шамдек оташ ичра ул бошдан-оёқ.

352

Бедил, ваҳшатнок дил сочмоқда шарар,
Саргузаштим айтсам денгизга агар,
Балиқлар танаси чўғдек қизигай,
Тангаси ўт тушган қоғоздек ёнар.

353

Эй олам ҳолидан бехабар одам,
Баланд мартабангдан керилма ҳар дам.
Бошинг узра соя солган бу девор,
Эртага топталиб топади барҳам.

354

Ақл мушти ичра калит бор, бироқ
Ўз мушкулларин у ечмоқдин йироқ.
Ҳайронлик енгади бунда тадбирни,
Ўз бармоқ тугунин ечолмас тирноқ.

355

Баъзилар бу дунёда ўзидан масрур,
Таъби ҳавасидан рози-ю мағрур.
Бекор кўтармадик биз ҳам бошимиз,
Фахримиз мояси биздан узоқдур.

356

То чарх айланмоққа бермаса барҳам,
Таъсири тўхталиб қолмағай бир дам.
Жим ётган тошлар ҳам айланур лаълга,
Доим ишдадур тинч кўринган тош ҳам.

357

Бировга бир нарса айласанг эҳсон,
Номини тилингга олмагил осон.
Ул нарсанинг номин тилингга олсанг,
Инъомингни қайтиб олгандан ёмон.

358

Бедил, бандалиқда ўйна басма-бас,
Кишиларга қайиш то сўнгги нафас.
Табиатингда бу ожизлик билан,
Ҳудо бўлолмайсан, Одам бўлсанг бас.

359

Бедил, гум бўлганмен пайдолиғимдан,
Куйганман жунуну шайдолиғимдан,
Демаким оҳ-нолам яктолиғимдан.
Йиғлайдурман ҳамон танҳолиғимдан.

360

Яхши кийим-бошинг қилма писанда,
Бўлма фақат томоқ, қоринга банда.
Сенга ўқталмасин барча бармоғи,
Зулм-ку бу шуҳрат, бўлма шарманда.

361

Мард касбу корига бўлса ахлоқ ёр,
Қиндан тиғ чиқармоқ унинг учун ор.
Табассум билан иш топса саранжом,
Тириштира кўрма пешонанг зинҳор.

362

Чанг кўтарган-чун ер босилиб ётар,
Уят, гар димоғинг осмонга етар.
Таъбинг қабул этмас хаёлда борин,
Бу пуч хаёлда на ҳалво, на шакар.

363

Кимдаки дағал феъл бўлмиш намоён,
Билимдон бўлса ҳам, нафратга нишон.
Оламни забт этар гўзаллик, билсанг,
Ахлоқий ҳусндир, шуни де ҳар он.

364

Умринг тўла ҳарён ғараз найранги,
Яхши, ёмони ҳам шу ғараз жанги.
«Куфру дин» деган сўз маъносин чақсанг,
Барча созин куйи ғараз оҳанги.

365

Бедил, бу не ҳарфлару не нуқга изи,
Мутлақ маъни бўлмаса, чирик илдизи.
«У-бу» деб ўйлайвериш дилинг тирнайди,
Хатосиз бўлмас экан ҳеч варақ юзи.

366

Хумор тонгги шароб неъматидан шод,
Зоҳид таяммуму таҳоратдан шод.
Баъзилар изланиш завқидан хурсанд.
Бедил орзулари ғоратидан шод.

367

Бедил, қара, қанчалик куйган бу жон мисли шам,
Куймак шавқида қанот қоқдим ҳар ён мисли шам.
Бунда ўзимни кўриб, тинмай ёш оқизмоққа
Устухон ичра кўзим бўлмиш пинҳон мисли шам.

368

Ким бўлса ҳасадчи, юраги қаро,
Кўрмас яхшиларга яхшилик раво.
Ҳумо ҳолини танг кўрмоқ қасдида
Қарға устухонни кўмар хок аро.

369

Дайру Каъба қайда деб бунда ҳалок
Баъзилар жонидан кечишар бебок.
Ҳар ким пайдо қилди чидам бойлигин,
Бошин тошта уриб, охир бўлди хок.

370

Бедил, имкон боғидан истама роҳат,
Сарву суман оёғи лойдан омонат.
Ҳам лоласи қўлида хун тўла қадаҳ,
Ҳам ғунчаси бағрида алами қат-қат.

371

Ул бадмаст санамнинг ишқида кўнгил,
Ғамин кўтаролмай бўлди-ку чил-чил.
Бир умр ўлтирдик вафо базмида,
Унинг қўлида жом, бизникида дил.

372

Янги ойни томдан қилай истиқбол,
Деб томга чиқди ул баҳори иқбол.
Ҳусни тобонидан шарманда бўлиб,
Қуёш ботиб кетди, хам бўлди ҳилол.

373

Дунё айшин малоли бордур бағрида,
Шўхликнинг бир ишколи бордур бағрида,
Бўлма ғофил хино ранг ҳақиқатидан,
Бул оташнинг зўғоли* бордур бағрида.
_____________
*Зўғоли — кўмир.

374

Мансаб, бойлик ғамига тўлиб-тошса дил,
Фақир нотавонларга хизматда бўлгил.
Сенга қиммат бўлган у дурри ятим
Қум ила бир ётар, кезиб боқ соҳил.

375

Умр ўтган жойимиз Каъба, бутхона,
Баъзан обод шаҳар, баъзан вайрона.
Жиннилик тугайди киприк юмилгач,
Ахир минг гажакка урдик бир шона.

376

Гоҳ кумуш-тилло деб, илтижо овоз,
Гоҳи гул, шароб деб ҳавасга пардоз.
Тупроқдан чиқиб, то тупроқ бўлгунча
Тупроқда юз найранг қиламиз оғоз.

377

Мактабда юз сабоқ биз гоҳо кўрдик,
Ҳам яхши-ёмону банд зебо кўрдик.
Охир ҳайрат қилди саводни равшан,
«Оина» ёздик-да, тамошо кўрдик.

378

Майпарастлар сирига махрам бўлганим замон,
Куфру дин занжиридан озод бўлдим мен осон.
Идиш рангин олувчи майдек бўлдим яланғоч,
Ҳамсуҳбатларга мойил, майли яхшими, ёмон.

379

Ҳавас ҳам баъзида аттангдан чиқмас,
Барча оина ҳам чанг, зангдан чиқмас.
Ҳар дил ишқ кайфидан хабар беролмас,
Бундай шуъла ҳечам харсангдан чиқмас.

380
Гуллаб турган боғ ҳам ер хазон ғамин,
Шам нур соча тортар куймоқаламин.
Эътибор гулшани офатсиз эмас,
Бедил, яша кўрмай ҳеч ўлим дамин.

381

Гарчи ақл билан минг маҳфил равшан,
Комил савод топмоқ кўп мушкул, равшан.
Ишқ ёлқини агар бўлса манқалда,
Минг кўзни қиладир битта дил равшан.

382

Қўлингдан чиқса ҳам неъмату матлаб,
Ҳасисдек дод солма, саховат тилаб.
Бу қавмда кумушу зар бўла туриб,
Дод, ҳасрат ила жон бермоғи ажаб.

383

Токай бу олам ё илоҳи ғами,
Қачонгача оқу қора алами.
Қай рангда бўлса ҳам хушвақт бўл бул кун,
Эй борлиқ-йўқликнинг гумроҳ одами.

384

Токай чопиш, эй шўри қиёмат, ўтир,
Қачон тинасан, бир дам эт роҳат, ўтир,
Оёғингга санчилган тикан дейдики:
«Эй беҳуда ҳаракат, бир соат ўтир».

385

Токай паришонлик суради калом,
Ҳавас дарсимизга жавоб нотамом.
Дониш лофи ғафлат оромин бузди,
Сафсата уйқумиз айлади ҳаром.

386

Хулосасиз мендан асло сўз очма,
Шикоят туморим ўзгага ечма.
Номим кўтарилсин ёдингдан, майли,
Ёд этиб, бош оғриқ уруғин сочма.

387

Эй тез пишар мева, бир дам эскирма,
Янгиланиш ўзи карам, эскирма.
Яшнаб турган боғсан, тиканзор эмас,
Эй сен, янги маъно, ҳечам эскирма.

388

Создан овоз чиқмас тегмаса мизроб,
Ишга дур тегилмас берилмаса тоб.
Фонус ё шам бўлмоқ эмасдур осон,
Қонга айланмайин ёқут бўлмас об.

389

Дарё суви боши асли жўйи* дил,
Саҳро ғуборининг жойи куйи дил.
Бу тўнган қон қачон ҳушга киради,
Ҳатто Бедилдан ҳам келур бўйи дил.
_______
* Жўй - ариқча.

390

Ҳар ўрмоннинг бўлса ўз арслони,
Ўз наҳанги макон этса дарёни.
Таслим бўлган бошда қилич ўйнатма,
Эгилган камоннинг бор тир-паррони.

391

То киши лаъл каби дилхун бўлмагай,
Вафо мулкида нархи афзун бўлмагай.
Табиатда ҳар тош ёқут бўлолмас,
Ҳар қатра сув дурри макнун бўлмагай.

392

Бадавлатдан умид қилмагил осон,
Катталикдан ўзга либоси гумдон.
Булардан ҳимоя орзуси пучдир,
Соя бермас томи кўк ўпар айвон.

393

Ўзгалар ҳақида ёмон сўз сўзлаш,
Ҳасад жиловини тутмоқни кўзлаш.
Оғзингга тош сенинг, эй оташзабон,
Бенаво уйига ташлама оташ.

394

Иншо ҳавас қилма, аё пуч одам,
Гоҳ мирзо бўлсанг, гоҳ султони аъзам.
Бир зумлик умрингда қолма уятга,
Эрта не бўлурсан, шу бўл бугун ҳам.

395

Сабабсиз фироқдасен, висол кун аксар,
Маъно кайфидан йироқ, қўлингда соғар.
Ҳам қуёш ҳақиқату ҳам хок зарраси,
Маъзур тутайлик кўзинг кўр бўлса агар.

396

Жунуним созию учқур ҳайъатим*,
Ошуфта айлади олти жиҳатим.
Оташ кўрган мўйдан қилсин қаламин
Рассом агар чизмоқ бўлса суратим.
________
*Ҳайъатим — киши фолини мунажжимлар айтиб берадиган юлдузлар туркуми.

397

Эй ашким, дўст кўчасига топа бил йўл,
Эй кўз, нигоҳ ташласанг-чи, ҳасратинг мўл.
Алиф қомат эсга тушса, сийнам оҳи,
Сен ҳам тикка чиқиб кўкка, алифдек бўл.

398

Кеча йўлда кўрдим кўзгу парчаси фаранг,
Ишқ дардида чил-чил ойнинг акси бу, аттанг.
Унинг наво пардасидан чиқадир овоз,
«Эй худбинлар, мен томонга бир бора қаранг!»

399

Мард бўлсанг, ваҳима йўлини қувма,
Кўзгудаги гулнинг исини туйма.
Бунда қанча эртак жам бўлиб ётур,
Кўринмаган сувга қўлингни ювма.

400

Бу мукофот мулкин паст-баланди бор,
Тажриба килмишлар донолар бисёр.
Дерлар қудрат чоғинг ҳеч кимга зулм —
Килма, заифликда кўрмайсан озор.

401

Қўлдан кетганинки қайтармоқ осон —
Эмас экан, чекма дўст миннатин, жон.
Адолат чидами камайганда ҳам
Зинҳор қабул этма бировдан эҳсон.

402

Бедил, оламда бор яхши, ёмон деб,
Миллату мазҳабдан тилга берма зеб.
То қиёмат маълум бўлиб туради
Тухминг шунда ўсиб, топганинг тартиб.

403

Ожизни эзмоққа золими иркит
Қонли либос кияр бир қонхўр тахлит.
Тош юракка даҳшат бўлсин шиоринг,
Қизиган темирни темир-ла ирғит.

404

Турар жойинг Совий ва ёки Ганжа,
Таваккалдан берма ўзингга ранжа.
Панд ема, сабабсиз бўлмагай ҳеч иш,
Тирноқсиз бир тутун ечолмас панжа.

405

Эй хожа, таскин топ дил бўлса ношод,
Ўз ор-номусингдан сўрагил имдод.
Ходимингдан ўтган бўлса хатолик,
Собиқ хизматларин ёд айлагил, ёд.

406

Бедил, ёвга камтар, бенишон бўлма,
Ўқ-найза бўлмасанг ҳам, камон бўлма.
Ожизларни топташ бу олам иши,
Бу майдонда зинҳор нотавон бўлма!

407

Шайх бўлсанг ҳеч кимга сен ҳукм қилма,
Одоб сарриштасин асло гум қилма.
Халқ ҳузурига бор тўғри ва ҳалол,
Терс борма, соқолни мисли дум қилма.

408

Эй, тоғсабот, лоф сўз, беимон бўлма,
Хотиржам қил кўнглинг, паришон бўлма.
Ақлинг отганича билиб олавер,
Фаҳминг нуқсонидан пушаймон бўлма.

409

Ишқинг имтиҳони афсундир, афсун,
Телбалик ғуборин таратар Мажнун.
Кулда ўт яллиғи сезилмас, аммо,
Сув урсанг ундан ҳам чиқадир тутун.

410

Борлиқнинг бунёди бемадор нафас,
Ҳаёт кўринса-да эътибор нафас.
Саҳар шабодасин шамолга ёзсанг,
Бу китобга ҳам ип ҳамда тор нафас.

411

Токай қизитайин бозори ҳасрат,
Токай афсона-ю озори ҳасрат?!
Кошкийди бу ғамдан сув бўлолсам, сув,
Пойингга тўкилса не бори ҳасрат.

412

Ҳамкорлик топмади фалак, осмондан,
Либос киёлмадим амну омондан.
Эй дон, сен рози бўл, қутулолмайсан —
Ун бўлиб янчилмай бул тегирмондан.

413

Мажнун ишқда куймиш аввалида ҳам,
Сози куяр нола-нағма қилган дам.
Ишқ лофини уриб яшамоқ хато,
Қанот куйса, учиш куядир боҳам.

414

Оёқларинг нақши икки кўзимиз,
Келишингга муштоқ бунда ўзимиз.
Кўзимиздан кетдинг мисоли нигоҳ,
Аммо бўшамади сендан кўзимиз.

415

Ишқ йўлига кирса оқилу мажнун,
Бутхона, мачитда чалишар қонун.
У дунёда пинҳон ишқ ва улуғлик,
Бунда ҳатто тошдан чиқарар учқун.

416

Эзилган ҳар тупроқ сирлар макони,
Тўзғиб тушган ҳар пат учиш баёни.
Боғ қизил, сариғин инкор этмагил,
Ҳар баргу ҳар кўкат рангу ноз кони.

417

Ғазабдан огоҳлик ўтмасдир сенда,
Адоватдан ростлик бутмасдир сенда.
Қилмишинг ўзингга келтирар бало,
Сўзингдан хунуклик кетмасдир сенда.

418

Ориф заҳмат тортиб юрмас қарасанг:
«Бу не жилвасозу, унда қандай ранг?»
Ҳар дарахт меваси, ҳар гул ранги бор,
Ҳаёт нималигин агарда билсанг.

419

Молдорларга қара, фикрлари хом,
Кибру ғурурлари ўзларига дом.
Бундай тошбағирлар узук кўзига
Манглай ажинидай ёздирибди ном.

420

Мумсик нону сувин тергайди тежаб,
Аммо ошиёни бузилар ажаб.
Кўзларин ёғ босиб, юмилса майли,
Тўймайди тўплаган молига қараб.

421

Май косаси эмас, чашми фаттонинг,
Май сенинг нигоҳинг, оби ҳайвонинг.
Майхона эшигу, девору хуми —
Кипригинг сояси, қора мужгонинг.

422

Зоҳид майхонадан истаб ҳақиқат,
Тасбиҳдан ҳам кечди, қолди май фақат.
Соқолу ёлу дум, саллани демас,
Охир инсон бўлди бу эшаксифат.

423

Бул кун насими дилдорим келур,
Бўйи гули кўп интизорим келур,
Вақтида олайин жилвасидан ранг,
Кўзгудек кўрсатай, баҳорим келур.

424

Бедил, бунда шоир-сухандон кўпдир,
Биз каму бегона ношоён кўпдир.
Биздан эшитгилу, биздан ибрат ол,
Маддоҳлик ғурури минг чандон кўпдир.

425

Ваҳм мажлисида йўқдир маъноси,
Кимнинг кўнглида гар илм даъвоси.
Маст девона урди кўзасин тошга,
Бошда ҳам қолмади шароб савдоси.

426

Сўз лутфин туёлмас ҳар қандай қулоқ,
Дилимдан ўтказай сезсин ёр шу чоқ.
Булбулдек нолам бир гулга аталган,
Аммо уни тинглар боғ бошдан-оёқ.

427

Иттифоқ бўлса бир-бирига йўлдош,
Адашмай боришар мағрур тутиб бош.
Қайда иттифоқлик топадир завол,
Теп-текис йўлда ҳам пайдо бўлур тош.

428

Ҳиммат камарини боғласа фақир,
Юз айбу нафс итин боғлагай занжир.
Манманлик эшигин беркитар эҳсон,
Бахил табиати бўлади дилгир.

429

Муҳаббат ўрнини босса гар шаҳват,
Ҳавасга айланса гар ишқий суҳбат,
Минг ҳайфдир хашакка интилса оташ,
Жаҳон бойлигидан не олур ҳиммат.

430

То сўз қолипига тушгунча мазмун,
Уни ўйлайверйб дилинг бўлур хун.
Дилга тугун солар юзлаб сакталик
То нола мисраси бўлгунча мавзун.

431

Инсон хаёлидан йиғламайдими?!
Юксак камолидан йиғламайдими?!
Гардун бир дам кўрса ўзин тупроқда,
Айтинг, бу ҳолидан йиғламайдими?!

432

Бунда ҳақиқатдан нишон кўрмайсан,
Ишқда ҳавас, шавқни осон кўрмайсан.
Тупроқ ойна эмас, қанча нур сочма,
Соя кўрасену инсон кўрмайсан.

433

Бедилнинг на кулфат, на ранжи бордир,
Хурсандлик таъбида гул, чанги бордир.
Эрта саҳар барбод этсалар хокин,
Ҳусни ҳангомасин нимранги бордир.

434

Ким ўз мақтовида очар экан лаб,
Кўзларим кўрсатар бизга сурмалаб.
Букун оёғимиз остидаги қум
Кеча оғизларда хўп чайналган гап.

435

Мазах, вақиллашдан тоқ бўлсин юрак,
Ҳар сўзинг арзанда бўлмоғи керак.
Одоб бисотимас масхарабозлик,
Ҳар гал оғзинг очсанг кулги бўлажак.

436

Фуқародан хабар олмас бой олчоқ,
Кибридан кўзига кўринмас оёқ.
Ғурурдан шунчалар кўтарар бошин,
Ҳадемай бўйнидан ҳам кетар узоқ.

437

Кишилар юмтанми кўнгил қўзини,
Киприклар очиғу туймас ўзини.
Кўп ҳақ гап айтилди, Бедил ҳам айтди,
Лек тушунмадилар унинг сўзини.

438

Сўз айтмоққа оғзин очса гар ёр,
Масиҳ нафасида ажойиб бўй бор.
Қалампир мунчоқдир ё мушки Хўтан,
Ё атир уфурмиш райҳону гулзор.

439

Мозорим уятли, бепарво ўтма,
Нечук ҳалок бўлдим, бенаво ўтма.
Хижолатдан терлаб ўтди бор умрим,
Мард бўлсанг хокимдан мосуво ўтма.

440

Завқсиз, лаззатсиздир тоатларимиз,
Кекирдак қайғуси рағбатларимиз.
Кеч — емак қистоғи, кундуз — очу ланж —
Шудир рўза куни ҳимматларимиз.

441

Зоҳид кеккайишдан шунчалар қотган,
Дўзах ҳам эритиш эвин йўқотган.
Чайналган чала гўшт, тухум сингари,
Ўтга тушганда ҳам музлаган, қотган.

442

Ҳар кўзки, агар олмаса ибрат, кўрдир,
Ҳар луқма агар бермаса лаззат, шўрдир.
Ҳар тўн, агар ўзгармаса, тўнмас, у кафан,
Ҳар хонаки, бирдек тураверса, гўрдир...

443

Фарёдки, менга жафойи ғафлат ўтди,
Жомимга қиёмати хижолат ўтди.
Дедим неча кўз очиб шу дунёни кўрай,
Дунёни то кўрганимча муддат ўтди...

444

Не келса, сабр айла, тамошодир бу,
Май ички, кўнгил дардига даводир бу.
Қул эрсанг, ўзингга билгил оламни қафас,
Қўй, юрма бу андуҳ сари, саҳродир бу...

445

Дил созида нағмаю наволар кўпдир.
Айбу ҳунару рангу сафолар кўпдир.
Кўпик тилагингму ё гавҳарми мурод?
Дарёда баҳою бебаҳолар кўпдир...

446

Эй марди сабот, шикаста паймон бўлма.
Жам айла кўнгилнию паришон бўлма.
Ҳар неки зарур эрса, чуқур англа, тушун,
Янглиш тушуниб, кейин пушаймон бўлма...

447

Илдиз гулу боққа етказармиш ўзни,
Ҳам бода димоққа етказармиш ўзни.
Парвонани кўрки, талпиниб мисли ҳилол,
Охир чироққа етказармиш ўзни...

448

Ғампеша дилимга то назар солгайсен,
Оқкўнгил эсанг, кўнглим аро қолгайсен.
Оташ кўтариб ўтма яна биз сари, ҳой,
Нақ олти тарафдин ўт олиб, ёнгайсен...

449

Бедил, билармисанки, аҳли ҳиммат,
Қиммат этадир элга неча бир суврат:
Ғофилга насиҳату фуқарога дирам,
Ёшларга лутф, ёши улуққа хизмат...

450

Эй ойина, манзилинг муборак бўлгай,
Ул ҳусни муқобилинг муборак бўлгай,
Ёр қайтди сафарданки, дилим унда эди,
Бедил, сенга бу дилинг муборак бўлгай.

451

Сен кун била тун ҳолини афлокдин сўр,
Май бўлмаса хумда, сен уни токдин сўр.
Ким ўтдию ким кетди — сўрарсан токай?
Дўстлар бари шунда мунтазир, хокдин сўр...

452

Чун ойина беғубор кўргай ўзни,
Юз рангга дағи шикор кўргай ўзни.
Инсон мижози ила илм гул очмиш,
Тупроқ гаҳи гулбаҳор кўргай ўзни...

453

Шодлик бўлаверса, қайғуга уйқашдир,
Байрам сира битмаса, юраклар ғашдир.
Ҳар нарсада мезон ва меъёр керак,
Сув ошса бошингдан, сув эмас, оташдир...

454

Юз чарх бошимизда овора эмиш,
Юз субҳ бизни деб жигарпора эмиш.
Ой бирла қуёш шуъласи бизга не писанд,
Кўз ёши ўзи собиту сайёра эмиш...

455

Дерсанки мудом: мақоми дилдор қайда?
Кўзларга кўринмаган у рухсор қайда?
Кўзингга магар парда эмиш мужгонинг,
Офтоб уйида, дегилки, девор қайда?

456

Дунёки, парокандалиги асбоб эмиш,
Ором бу жаҳонда, ўйлаким, симоб эмиш.
Денгиз эмиш у, мавжи — паришонлигимиз,
Осуда кўнгил — бир гавҳари ноёб эмиш...

457

Фарёд ила ўйлаким нафаслар долдир,
Аммо нетайин, забони журъат лолдир.
Кўнгил ўти бирла мисли бир шамдирмен,
Ул нола лабимга етса гар — табхолдир .

458

Ҳар кимсаки то шикаста, дилхун бўлмас,
Ул мулки вафода қадри афзун бўлмас.
Дунёдаги ҳар тош бўлавермас ёқут,
Ҳар қатрайи сув гавҳари макнун бўлмас...

459

Муллоки мудом жадалга мойил бўлди,
Олим санади ўзини, жоҳил бўлди.
То ўртага тушди у, билим лофи ила,
Топган бари маънолари ботил бўлди...

460

Эсмоқда насими ёр, ёрим келгай,
Гул ҳиди таралди, интизорим келгай.
Вақт етдики, жилва, рангга мен етгаймен,
Ул ошиному ул баҳорим келгай...

461

Фойданг йиқитиб бизни, зиён бўлгусидир,
Ҳар чандки баҳор эрур, хазон бўлгусидир.
Ойинаку ул замон қўлингдин тушди,
Аксинг дағи кўзданам ниҳон бўлгусидир...

462

Шеърим менга неча юз забондин келадир,
Кўпдан бери, кўп вақту замондин келадир.
Таврот эмаски ул, то тахмин этсам:
Бир йўла магарки осмондин келадир.

463

Суҳбат туну сайри гул саҳар истар эмиш,
Ҳар соз таронаи дигар истар эмиш.
Пирликда гўзаллар лабидин кечмасмен,
Тишсиз киши шир ила шакар истар эмиш...

464

Гар фориғ эрур ушбу жаҳондин ҳавасим,
Йўқ ушбу жаҳон ичра тузоғу қафасим.
Ҳар онда чаман зийнати мен бирла эмиш,
Чун ранги таровати баҳордек нафасим...

465

Бул кеча кўнгил тўла сурур этгаймиз,
Дилдорга термулиб, ҳузур этгаймиз.
Кўз равшанимиз равшан ўлур, кам бўлмас,
Шаминг ила дийдаларни нур этгаймиз...

466

Сен кетдингу мен асири манзил қолдим,
Бу дарду ғаму аламга машғул қолдим.
Бедил эканимнн сал унутган эрдим,
Кўнгил сенга боз кечдию бедил қолдим...

467

Эй сенкн ваҳим ила мудом мажбурсен,
Гоҳ ўт тилагинг, гоҳи гадойи нурсен.
Устингда кийим била яланғочдирсен,
Маъзур эмассен, вале мағрурсен...

468

Кўрдим неча дарду ғам, давойим сен ўзинг,
Чекдим неча оҳ-воҳ, ҳавойим сен ўзинг.
Ашкимни фақат сенинг йўлингда тўкдим,
Ҳар нечаки чорладим, садойим сен ўзинг...

469

Охир дили ноумид музтар бўлди,
Бекаслигидин ерга баробар бўлди.
Мужгони бошимга соя солгайму, дедим,
Қайрилди, кўринг, сояси ҳам қайрилди...

470

Ул мадраса ичра печаним жам бўлмиш,
Билганмисен, нечун мукаррам бўлмиш.
Арқону тўқим ва жул истарди эшак,
Ночорлиги кор этмишу одам бўлмиш.

471

Гардун ўзи — неча собиту сайёр эмиш,
Дарё ўзи — неча чашмаю анҳор эмиш.
Дунё ишидан ҳамиша воқиф бўлким,
Сен билганинг ул битта эмас, бисёр эмиш.

Qayd etilgan