Foniy  ( 14762 marta o'qilgan) Chop etish

1 B


shoir  01 Iyul 2008, 14:11:56

Foniy



Muallif: Foniy
Hajmi: 187 Kb
Fayl tipi: pdf, zip
Saqlab olish
Online o'qish

Qayd etilgan


shoir  01 Iyul 2008, 14:12:04

Фоний
(1441—1501)

Маълумки, Алишер Навоий нафақат ўзбек, балки форс-тожик тилида ҳам Фоний тахаллуси билан баракали ижод қилган забардаст зуллисонайн шоир ҳисобланади. Форс-тожик тилини унинг иккинчи она тили дейиш мумкин. Чунки у улуғ форс-тожик сўз санъаткорлари таъсирида форсий тилда ҳам қалам тебратди ва бир умр бу машғулотни канда қилмади. «Хазойин ул-маоний» («Чор девон») девонлар туркумини тузиб бўлгач, форс-тожик тилидаги ижод намуналарини ҳам тўплаб, «Девони Фоний»ни тартиб беради. 12 минг мисра шеърдан ташкил топган бу девон Ҳофиз Шерозий девонига қарийб тенг келади. Агар «Ситтаи зарурия» ва «Фусули арбаа» туркумларига кирган ўн қасидаси ва адабиётшуносликка оид «Рисолаи муфрадот» асарини ҳам қўшса, шоирнинг форсий тилдаги мероси ҳам салмокли эканлиги маълум бўлади. Алишер Навоийнинг форсий мероси ўз даврида Абдураҳмон Жомий, Камолиддин Биноий, Хондамир, Давлатшоҳ Самарқандий каби замондошлари томонидан ҳам юксак баҳоланган.
«Девони Фонийшинг мўътабар қўлёзмалари Париж, Теҳрон ва Туркия кутубхоналарида сақланади. Теҳрондаги нусхаси 1963 йили машҳур адабиётшунос олим Рукниддин Ҳумоюнфаррух томонидан нашр этилган. Ҳозирча энг мукаммал деб қаралаётган Париж нусхаси эса 1965 йили таниқли шарқшунос Ҳамид Сулаймон томонидан Алишер Навоийнинг ўн беш жилдлик асарлари таркибида илк бор босилиб чиққан. Шоирнинг XX жилдлик «Мукаммал асарлар тўплами»га ҳам шу нусха асос қилиб олинган.
«Девони Фоний»дан шоирнинг 72 та рубоийси ўрин олган. Маълумки, мумтоз адабиётда рубоий икки хил қофияланиш тартибига эга: биринчи, иккинчи ва тўртинчи мисралари ўзаро қофияланадиган одций ва ҳар тўрттала мисраси қофияланадиган таронаи рубоий. Буни Навоийнинг ўзи рубоия деб атайди. Шоирнинг барча рубоийлари ана шундай рубоия ёки таронаи рубоийлардир. «Девони Фоний» ҳозирга қадар ўзбек тилига шеърий таржима қилинмаган. Фақат Ғафур Ғулом ва Ҳабибий шоирнинг бир неча ғазали, Ш. Шомуҳамедов «Туҳфат ул-афкор» қасидаси, қитъа ва рубоийларидан баъзи намуналарни, Носир Муҳаммад ҳам бир неча ғазал, қитъа ва рубоийларини ўзбекчалаштирганлар. Таниқли навоийшунос Абдуқодир Ҳайитметов эса мазкур қасидани насрий таржима қилган.
Илоҳий ва мажозий ишқ тараннуми, инсоний камолот масалалари, умрни қадрлаш, нафсни мазаммат қилиш, маъшуқа таъриф-тавсифи, висол умиди-ю, ҳижрон азоблари Фоний рубоийларининг мазмун-моҳиятини ташкил этади.


1

Тундан қиламан тошта қадар зорликлар,
Ҳадцан ўгди танҳолигу беморликлар,
Юзланди фироқ туфайли душворликлар,
Эй ёр, қаёқда қолди ул ёрликлар?

2

Ўткинчи ҳавасларга экансан мафтун,
Ғам-ғуссадан озод эмассан бир кун,
Бўлмоқ эсанг Искандару Жамдан устун,
Жой ойинасисиз бу эмасдир мумкин.

3

То дилда кучу қуввату жон бор эрди,
То танда ҳаётдан нишон бор эрди,
Дил мойили ҳусни дилситон* бор эрди,
Жон волаи ошўби* жаҳон бор эрди.
_________
* Дилситон — дилбар, дилрабо: дилни олувчи, асир қилувчи.
* Ошўб — ғавго-тўполон, фитна, тартибсизлик. Ошўби жаҳон — жақонга фитна солувчи, фитнагар.

4

Зуҳд аҳлидан уз кўнгилни буткул, эй дил,
Қургил фано дайрида манзил, эй дил,
Мақсуд маю мутриб ила ҳосил, эй дил,
Бир-бир айтдим, қулоқ сол, эй дил, эй дил.

5

Эй дўст, ҳалокатлидир айёми фироқ,
Ҳижрон заҳарига қоришиқ жоми фироқ,
Туғдирса висол тонггини гар шоми фироқ,
Кечирма сира тутсам агар номи фироқ.

6

Давр эли жабр этса, кўтарма исён,
Кўн борига, йўқ туфайли бўлма сарсон,
Тинглаш керак эмасми — эшитма пинҳон,
Сўзлаш керак эмасми — гапирма бир он.

7

Аччиқ сув эмас, соқий, оловдан ўткир —
Чоғирни олиб, катта қадаҳга тўлдир,
Узримни қабул қилма, қошимга келтир,
Енгишта сол-у, сўнг оғзима қуй бир-бир...

8

Сенсиз мени(нг) сабримда фақат нуқсондир,
Кўнглимда ғамингдан алами ҳижрондир,
Жоним чекибон беҳуда ранж нолондир,
Бас, менда на сабр-у, на дил-у, на жондир.

9

Ёр кўйида токи бенишон бўлмассан,
Сен воқифи асрори ниҳон бўлмассан.
Жисминг унутиб, то ломакон бўлмассан,
Лойиқи ҳаёти жовидон бўлмассан.

10

Ғам заҳри агар қилса ҳалок, эй соқий,
Дафъ этсанг уни май-ла не бок*, эй соқий,
Дил тавбадан ўлди журмнок*, эй соқий,
Бода ила айла уни пок, эй соқий.
_________
* Бок — бу ерда: ажаб.
* Журмнок — гуноҳкор, айбдор.

11

Шўхсан бу сулувлардан, аён, эй соқий,
Ошуфтаман ўзингга ниҳон, эй соқий,
Май жомини тўлдириб равон, эй cоқий,
Айла мени бехуд шу замон, эй соқий.

12

Дайр ичра агарда тиласанг ичмоқ май,
Шўх муғбачалардан* эшитиб чанг ила най.
Мумкин бўлмас агарчи бўлсанг Жаму Кай*,
Қиммат қилмай дайри пири, рухсат бермай.
__________
* Муғбача — муғ (оташпараст)лар хизматидаги бола. Сўфиёна адабиётда содиқ мурид, чин ошиқ ва соқий тимсоли бўлиб келади.
* Кай — подшоҳ, улуғ подшоҳ, шаҳаншоҳ; «Шоҳнома»даги қадимий Эрон шоҳларининг лақаби; сосонийлар сулоласи улуғ подшоҳларининг лақаби ёки исмининг бир қисми (масалан: Кайхисрав, Кайқубод, Кайковус).

13

Лоф урмак ўз илмидан эрур нодонлик,
Нодонлигин англаган бўлур ирфонлик,
Мушкул қилиш ишингни не кордонлик*,
Бир йўқ олиб келгуси минг осонлик.
_________
* Кордон — билимдон, тажрибали.

14

Жоним икки лаъли жонфизойишта* фидо,
Руҳим у насими атрсойишта* фидо,
Ошуфта дилим нозу адойишта фидо,
Фарсуда* бу жисмим хоки пойишта фидо.
___________
* Жонфизо — жонга роҳат берувчи, жонни қувватлантирувчи.
* Атрсо — хушбўй, муаттар, хуш ҳид таратувчи.
* Фарсуда — ҳорғин; тўзғиган; эскирган.

15

Ҳар лаҳза бу чархдан жафолар етса,
Даврон элидан турфа балолар етса,
Ғам йўқ агар ул ойдан вафолар етса,
Бош зулфидек бош ўпиб, видолар етса.

16

Ҳажрингда ишим изтиробдир бу кеча,
Тарк этгали жоним-да шитобдир бу кеча,
Жисмимда фироқдан кўп азобдир бу кеча,
Огоҳ бўл-ей, дил иши харобдир бу кеча.

17

Бу расми талабни худписанд* билмасдир,
Бу шевани ғайри ниёзманд билмасдир,
Бу нақш эмас зоҳидга писанд — билмасдир,
Бу нақшни ғайри нақшбанд билмасдир.
_________
* Худписанд — худбин, мутакаббир.

18

Солди мени ғурбат ичра ҳижрони ҳабиб,
Заъф шиддатидан бўлдим ажал бирла қариб,
Бир ёр қани — хастага келтирса табиб,
Бир зор қани — излашга кафан ўлса ғариб.

19

То тушди-ю дилга меҳри ул моҳлиқо,
Қон бўлди жигар, кўзимнинг ёши дарё,
Йиғлайди кўриб бир бошима шунча бало,
Осмонда қуш-у, сувда балиқлар ҳатто.

20

Эй, ҳар нафасишта беадад ҳамду сано,
Юз ҳамду санодан Сен ўзинг истиғно*,
Айтар малакут макон тугиб дайри фано:
«Илминг сени йўқ бизда, эй пок Худо!»
________
* Истиғно — эҳтиёжсизлик, муҳтож бўлмаслик.

21

Тонгнинг елидан таралди бўйинг менга,
Боғ ичра намоён ўлди кўйинг менга,
Гул худди сенинг нишони рўйинг менга,
Лек бўлмади маълум сира хўйинг менга.

22

Дил йўқ — асири зулфи паришонинг эмас,
Жон йўқ яна саргаштаи ҳижронинг эмас,
Дегунча дилинг энди қадрдонинг эмас,
Бу жон меники, дегил, сенинг жонинг эмас.

23

Сеҳр илми кўзинг туфайли топди ривож,
Бобил ила Кашмирдан ул олгай бож,
Айёрсифат қилиб ул гоҳи торож,
Тандан олар бошни худди бошдан тож.

24

Биллур жом ичинда май мисоли ёқут,
Топсам уни кеча-кундуз этгайдим қут,
То кекса фалак-у, қари осмон собит,
Ақлу ҳис ҳайронлиги бўлмас соқит.

25

Заъфимга ўшал қил каби бел боис,
Қатлимга ўшал ҳалқаи кокил боис,
Умримга ўшал қомати чун гул боис,
Жонимга ўшал шаҳду шакар тил боис.

26

Ёр бўлмади менга ул париваш ҳаргиз,
Шод бўлмади ундан дили ғамкаш ҳаргиз,
Кам бўлмади бу дамимдан оташ ҳаргиз,
Бас, олган эмасман нафаси хуш ҳаргиз.

27

Мен ўз вужудимдан паришонман, бас,
Ҳар ишки қилибман, пушаймонман, бас,
Ақл менга насиб бўлмади — нодонман, бас,
Нодонлигима ўзим-да ҳайронман, бас.

28

Кетдинг-у, ғамингда дил фигордир ҳануз,
Шавқингдан ёшим шашқатордир ҳануз,
Қайтсанг-чи, бу жон фироқда зордир ҳануз,
Келгил яна бу дил интизордир ҳануз.

29

Кетдинг, сени деб танимда тобдир* ҳануз,
Ёдингни қилиб, кўзим пуробдир* ҳануз,
Ишқинг ўтида таним кабобдир ҳануз,
Келгил яна, дил ғамда харобдир ҳануз.
___________
* Тоб — бу ерда: ҳарорат, иситма.
* Пуроб — кўз ёшга тўла.

30

Соқий, жомга майи тарабнок* солгил,
Пок майга яна акси рухи* пок солгил,
Тайёр шўру шарга мени бебок — солгил,
То титрасин ундан етти афлок, солгил!
__________
* Тарабнок — шод, хурсанд.
* Рух — юз, чеҳра.

31

Эй дил, кунинг қилди қаро аҳли замон,
Шундан буён тун-да ҳамон, қун-да ҳамон,
Бир лаҳза замонни(нг) жабридан йўқдир амон,
Май ич, тиласанг амон, тинимсиз бегумон.

32

Ишқ ўтида куйган хаста жонман, на қилай?
Девонаю расвои жаҳонман, на қилай?
Сабр менга эрур чора, аён, ман на қилай?
Билсам-да, қилишга нотавонман, на қилай?

33

То қўйди қазо бошимга афсари* ишқ,
Дил ичра ниҳон қилди яна гавҳари ишқ,
Кирди қўла ул афсардан кишвари ишқ,
Тушди дила у гавҳардан ахгари* ишқ.
__________
* Афсар — подшоҳлик тожи, жига.
* Ахгар — лахча чўғ, олов.

34

Кўз гулшани юзингдан гул, лолага кон,
Кўз маскани оразинг сабаб нурга макон,
Кўз равзани* ёришмаса юзингдан, ишон:
Кўз равшани зулмат ичра қолгай бегумон.
_________
* Равзан — дарча, тешик, туйнук.

35

Лаъли майидандир ҳамма сармастлигимиз,
Сарв қаддидандир ер қадар пастлигимиз,
Гар бўлмасами фикрига ҳамдастлигимиз,
Юз ўгиради нестликдан ҳастлигимиз.

36

Томнинг четидан кўринади моҳсиймо,
Офтоб-да бу юзни кўрмагандир асло,
Икки қошинг акси тушди қўзга, санамо,
Ул навъки, шишада бўлар қибланамо*.
__________
* Қибланамо — қиблани кўрсатувчи асбоб, компас.

37

Ашким уммонида юлдуз ҳубоб,
Йўқ-йўқки, унда офариниш* нобоб,
Уммон кўкига юлдуздан тушди тоб,
Гирдоб эмас, у девор бўлди ҳисоб.
__________
* Офариниш — яратиш, вужудга келтириш; борлиқ, коинот.

38

Соқий, менга тутгил қани бир бор қадаҳ,
Чўнг бўлса-да гар бир неча миқдор қадаҳ,
Гар бўлса-да мисли чархи даввор* қадаҳ,
Бир-икки симирсам, қолмас зинҳор қадаҳ.
_____________
* Чархи даввор — айланувчи чарх; осмон, фалак.

39

Токай ситаму меҳнати ҳижронга чидай?
Бир тун сени кош бу байт ул-аҳзонга* этай,
Вайрона бу дилни(нг) ичдан чокини ситай,
Жон хилватига сен ила ул лаҳза кетай.
__________
* Байтул-аҳзон — ғамхона, кулфат маскани.

40

Ёр қошида бўлма сира, эй дил, беадаб,
Бўлган каби бу шоҳ қошида қул беадаб,
Ёр васлига етган бўлмагай, бил, беадаб,
Оқил боадаб бўлга-ю, жоҳил беадаб.

41

Сен келмадинг-у, аммо қуёш жилва қилар,
Кетдинг-у, қуёш бўлса ҳали кўкда турар,
Бас, кеч келиб, эрта кетганингдан бу қадар,
Кўз орқали дил қони юзимга тўкилар.

42

Йўллабди бу хастага у дилбар мактуб,
Билдимки, вафо ҳақда муқаррар мактуб,
Гирён бўлдим кўрдим-у раҳбар мактуб,
Тўкилдим ашк каби саросар, мактуб.

43

Ёр, олма қўлингни кифтимдан бир пас,
Оғзимдан узоқ тутма қулоғингни-да, бас,
Юзинг юзим-у, бўйним оғушингдан абас,
Тандан руҳ-у, жисмимдан ҳушни, хуллас.

44

Бўлгач ичима оташи ҳижрон воқеъ,
Бўлди юзима ашки фаровон воқеъ,
Қилдим ҳаракат борича имкон воқеъ,
Лек ўчмади ўт бўлса-да уммон воқеъ.

45

Ишқинг ўтидан кўксимни зўрлар доғ,
Ғам шомида осмонга қадар ўрлар доғ,
Ўтди ичим-у ҳамда ташимдан ҳар доғ,
Бас, қайга қўярман яна келса гар доғ?

46

Сендан дилу жисми нотавоним хуррам,
Ҳуснингдан чашми* хунфишоним* хуррам,
Қаддингни кўриб, руҳи равоним* хуррам,
Жонбахш лабингдан эса жоним равшан.
________
* Чашм — кўз.
* Хунфишон — қон сочувчи, қон тукувчи.
* Руҳи равон — жон, ҳаёт, тириклик.

47

Ул чеҳраки, ҳусн авжи эрур жилвагоҳ,
Зулфи орасидан солдим унга нигоҳ,
Бошдан-оёғига боқиб, бўлдим огоҳ,
Ҳеч тенг кела олмас унга офтоб ила моҳ.

48

Киприкларинг қатлим учун тортмиш саф,
Ҳар ўқи қилиб ўзига жонимни ҳадаф,
Бўлғуси бу жанг майдонида умр талаф,
Қочиб кетиб бўлмас ундан ҳеч тараф.

49

Эй шўх соқий, тут менга бир ўтли шароб,
Бир қатраси томса, бўлсин тош-да хароб,
Чўнг ғам тоши танг дилимга бермиш кўп азоб,
Шояд уни енгиллатса бир оз майи ноб...

50

Дўстлар баҳор чоғида сузса майи соф,
Урсам-да зуҳду тавбадан мен неча лоф,
Дўстлик ҳақи, қилинг-у сўзимни маоф*,
Майдан мени маҳрум этманг, айланг инсоф.
_________
* Маоф — афв этиш, кечириш.

51

«Кимман бу жаҳонда?» — деб бўлурман ҳайрон,
Ёхуд нимаман? Неданман? Нега бу жон?
Инсонманми ё тупроқ — эрмас аён,
Тупроқ ҳақи, билмадим, мен нечук инсон?

52

Ишқ оташи ичра жисму жоним ою йил
Узини камолга етказишга машғул,
Ҳижрон дўзахига тушса, чекмай мушкул,
Алқисса, висол жаннатига ўтгай ул.

53

Сурганча хаёл, эй дили девона,
Орзу қиласан ёр бўлишин ҳамхона.
Қандай сенга ҳамхона бўлар жонона?
Хона қани сенда? Бори шу вайрона...
 
54

Ўлдирма мени ҳажринг ила, эй жонон,
Бу ғамли дилимни этма баттар вайрон,
Мендан кеча олислаганингга бир он,
Бошимдан ақл учди-ю, жисмимдан жон.

55

Фақр ичра бошингда неки бўлса ташла,
Бер қўлдаги бахтни — юрма бу ташвиш-ла,
Ҳар яхши-ёмон келса шу икки иш-ла
Парво сира қилма-ю, дилингни хушла!

56

Бўстонга кириб келди баҳор карвони,
Гуллар ҳидига тўлдирибон дунёни,
Лаззат олиб ғунчадан, бўлиб жонони,
Тушмиш кўзига гард наргиси шайдони.

57

Бир тун агар ул шамъи саодатпартав*,
Майхонада кўҳна май узатса ўртаб,
Сабуҳий* умидида хира қилмам табъ,
Жон бирла тўним унга гаровдир, ё Раб!
_____________
* Саодатпартав — саодат нурини сочадиган, хушбахтлик келтирадиган.
* Сабуҳий — эрталабки бошоғриғи учун ичиладиган май.

58

Создир киши ишқ ичра мужаррад* бўлса,
Ошиқ эмас ақл-ҳушга муқайяд бўлса,
Ҳар ким дам урар қабулдан — у рад бўлса,
Даъво агар этса яхшилик, бад бўлса.
___________
* Мужаррад — якка, танҳр, ёлғиз, озод. Дунё неъмат ва лаззатларини тарк этиб, сайри илаллоҳга муносиб бўлган киши.

59

То тоштача кулбанг ёритар шамъи Хўтан,
Кун бўлса, жаҳон кулар қуёш нури билан,
Шом кирса, ҳилол ёғдусини сочгуси шан,
Ё Раб, шу тариқа бор ҳаётинг равшан!

60

Май қуйқаси жомда лаъл каби жилва қилар,
Ошиқларини ишқида маст, телба қилар,
Ғам йўқ ғамдан, чунки ўзи тилка қилар,
Ҳар қатраси жони пок каби жилва қилар.

61

Залворли бир тоғ сари тушгач йўл,
Қалбимни яширдим, ёнди қайғуда ул.
Орзум шу: жамиятга бутун силтаб қўл,
Дил амри-ла тоғ этагин этдим манзил.

62

Чўлпон каби ол юзинг жаҳонга зийнат,
Жаннатни солар ёдга ҳидинг, не ҳайрат?
Сочсиз бу қадар гўзал эмас бу хилқат,
Сочинг узун-у, ғуссали тунга нисбат.

63

Юзинг сени кавкаби жаҳонородир,
Бўйинг сени ашҳаби* равоносодир*,
Соч бўлмаса, жисминг хароб, расводир,
Сочинг мисоли тун фиғонафзодир*.
________
* Ашҳаб — оқ, оқиш бўз от.
* Равоносо — я«уда равон.
* Фиғонафзо —хаддан зиёд кўп нола қилувчи.

64

Бу майкада риндларга макон, эй соқий,
Тортиб мени элтдилар уён, эй соқий,
Тут менга шароби арғувон, эй соқий,
Майдан ўлишим бўлди аён, эй соқий.

65

Бу фасли хазон — баргрезон, эй соқий,
Ҳолим-да гўё ранги хазон, эй соқий,
Бу майда-да шу ҳол намоён, эй соқий,
Ундан симирай замон-замон, эй соқий.

66

Дарвеш элидан гар тиласанг келсин файз,
Ўзингдан уларга аввало бўлсин файз,
Шу хилда ғариблар бошида кулсин файз,
Сенинг-да шу жисму жоништа тўлсин файз!

67

Ёмон нимани истамасанг, хушхулқ бўл,
Касб этма риёни, тўғри бўлсин кўнгил,
Ҳар.ёққа юрар эл, сен тут ўзга манзил,
Қўй элни, ягона маҳраминг бўлсин Ул.

68

Бўлмоқ тиласанг агарда сен аҳли хавос,
Ўзингни авом суҳбатидан айла халос
Ҳам сидқу ихлос йўлидан илгари бос,
Ҳақ зора мақоминг этса хос аҳлига мос.

69

Эй дил, демаким, мушки нобдир ул хат,
Боиси: мудом банди хижобдир ул хат,
Офтобга шом хати — хитобдир ул хат,
Йўқ, йўқ, ғалат айтдим, нақши обдир ул хат.

70

Муғ дайрида* ул муғбачаларки, чолок*,
Май бирла мени қилдилар масту бебок,
Мурда каби бўлди менга-да манзил хок,
Лек майга гаров қилмадилар хирқаи чок.
_________
* Муғ дайри — оташпарастлар ибодатхонаси; мажозан: майхона.
* Чолок — келишган, нозик, хушбичим; чаққон, тез; етук.

71

Хокинг сени шоҳлар кулоҳининг банди,
Ҳусн шоҳига тенг эмас башар фарзанди,
Хасдек вужудимга юзинг барқ монанди,
Чақса узилар жаҳондан жон пайванди.

72

Фоний бу жаҳон ғамига то пайвандсан,
Ўзингга ўзинг бақо йўлида бандсан,
Нафсинг ҳавасига кўмилиб хурсандсан,
Бўлсанг-да замонни шоҳи — ҳожатмандсан.

Эргаш Очилов таржималари

Qayd etilgan