Oxirzamon nishonalari (roman). Chingiz Aytmatov  ( 28604 marta o'qilgan) Chop etish

1 B


AbdulAziz  16 Iyul 2008, 07:04:40

Chingiz Aytmatov. Oxirzamon nishonalari (roman)



Muallif: Chingiz Aytmatov
Hajmi: 1.29 Mb
Fayl tipi: pdf, zip
Saqlab olish
Online o'qish

Qayd etilgan


AbdulAziz  05 Mart 2010, 17:25:29


Чингиз АЙТМАТОВ

ОХИРЗАМОН
НИШОНАЛАРИ

(Кассандра тамғаси)

Суюн Қораев таржимаси


ЧИНГИЗ АЙТМАТОВНИНГ ФАЛСАФИЙ «ВАҲИЙЛАРИ»

Чингиз Айтматовнинг энг яхши асарлари аллақачон янги жаҳон адабиёти классикасининг таркибий қисми бўлиб қолди. Унинг китоблари услуби жиҳатидан ҳам, кўтарилган фалсафий масалаларга кўра ҳам бир-биридан фарқ қилади, шу билан бирга уларнинг умумий жиҳатлари ҳам бор. Шу боисдан муаллифнинг ҳар бир асарини орадан вақт ўтиши билан қайта-қайта ўқигинг келади ва ҳар гал янги ва янги жиҳатларини кашф этасан. Айтматов асарларининг китобхонни айрича ҳаяжонга соладиган таъсир кучи жамиятда пишиб етилган муаммолар ўртага ташланишидадир.
Айтматов ижтимоий воқеа-ҳодисаларни кузатиш ва таҳлил қилишда ноёб истеъдодга эга донишманд файласуф, киши руҳиятининг нозик торларини черта оладиган сеҳргар санъаткордир.
Ёзувчининг янги фалсафий романи – «Охирзамон нишоналари»ни ўқир экансиз бу фикрнинг ҳақ эканлигига яна ва яна ишонч ҳосил қиласиз.
Мураккаб дунёвий фожеаларни буюк қаламкашнинг сезгир қалби ҳатто башоратчи футуролог олимлардан ҳам олдин пайқайди. Роман фалсафа, фантастика ва сўз санъати маҳсули ўлароқ улкан санъаткорнинг мушоҳада қудратидан дунёга келгандир. Қаловини топса қор ҳам ёнади деганларидек, нисбати тўғри танланса, уч таркибий қисмдан иборат ҳаётий жараёнда вақт ҳам, фазо ҳам, инсон ҳам яхлит бир ҳолатда намоён бўлади.
Ёзувчи китобхонга бадиий тафаккурнинг янги бир қирраларини очади, уни ўйга толдиради ва ҳатто идрок этиш қийин бўлган ҳодисалар гирдобига ташлайди. Ёзувчи фантастик усулдан фойдаланган бўлсада, роман теран реалистик асар сифатида қабул қилинади. Асарнинг бадиий тузилиши, ҳаётни тасвирлаш принципи ёзувчининг бошқа асарлариникидан тубдан фарқ қилади. Китобхон романни варақлар экан, одамларнинг инсон шаънига номуносиб хатти-ҳаракатларидан нафратланади.
Роман воқеаси ўта шиддатли психологик можаролар ва тўқнашувлар заминига қурилган. Ер курраси ахлоқий муаммолар синаб кўриладиган полигонга айланган. Инсоният ҳалокат ёқасига бориб қолган. Бу ҳалокат ташқаридан келган эмас, балки бани одамнинг хатти-ҳаракатлари, мунофиқлиги, худбинлиги, ахлоқсизлиги оқибатида юзага келгандир. Дунё бедаво дардга чалинган, агар инсоният ижтимоий хасталиклардан фориғ бўлмас экан, интиқом муқаррардир. Биргина мисол. Иккиқат аёллар текшириб кўрилганда айримларининг ҳомилаларида ирсий ва бошқа оғир касалликлар мавжудлиги аниқланса ҳам шўрлик она шундай болаларнинг дунёга келишидан манфаатдор эканлигини айтишган, чунки ногирон фарзандли она квартира, нафақалар олишда имтиёзларга эга бўларкан.
Романнинг мазмуни бундай. Фашизмга қарши уруш йиллари саҳар чоғи бир аёл эндигина туғилган чақалоғини қоп-матога ўраб болалар уйининг эшиги олдига қор устига ташлаб кетади. Болага Андрей Крильцов деб ном қўйишади. Ташландиқ бола ўта зеҳнли бўлиб улғаяди ва медицина институтини битириб генетик олим ва ниҳоят академик бўлиб етишади. У институтда ўқиб юрганидаёқ ҳомиладорлик мўъжизасини ва одамнинг дунёга келиш сир-асрорларини ўрганишга мафтун бўлиб қолади.
Крильцов ўз лабораториясида ундирилган эмбрионлардан узоқ муддатга ҳукм қилинган маҳкума аёлларнинг бачадонларида кўплаб иксзурриётлар, яъни ота-онаси ҳам, ака-укалари ҳам, тоға-жиянлари ҳам, хуллас биронта қариндош уруғи йўқ болалар етиштира бошлайди. Бундай одамларни яратиш ҳукмрон партиянинг диққат марказида ва ҳомийлигида амалга оширилади. Партия МК котиби Конюханов Крильцов билан бўлган суҳбатда, жумладан шундай дейди: «Гап шундаки, сиз учун бу қизиқарли лаборатория экспериментлари объекти бўлса, биз учун иксзурриёт – янги типдаги одам. Ва бизнинг прогнозларимизга кўра, меҳнаткаш синфларни эски дунёдан халос қилиш учун уни ағдар-тўнтар қиладиган ҳам худди ана шу иксзурриётдир.
Иксзурриёт келажакда эски, ўз умрини ўтаган дунёни туб-томири билан қўпориб ташлаш баробаринда янги дунёни бунёд этажак».
Крильцовнинг хотини Евгения эрининг ҳеч ким журъат эта олмайдиган ғайриинсоний кирдикорларини сезиб қолади ва жирканч ишни ташлаб узоқларга кетишни, фарзандли бўлишни таклиф этади. Эри бунга унамайди. Шундан сўнг хотини бутунлай кетиб қолади. Маҳкумалардан бири – Руна исмли аёл профессорнинг бу ишларидан нафратланиб қамоқ муддатига муддат қўшилишидан ҳам қўрқмасдан олимни бу касбкоридан воз кечишга чақиради ва ўзини дарёга ташлаб ғарқ бўлади. Муҳаббат изҳор қилмоқчи бўлган аёлидан ҳам жудо бўлгач ва ўз экспериментларининг пировард натижада нималарга олиб келажагига ақли етгач, сўққабош Крильцов «Менга ерда жой йўқ экан» деб космосга кетишга мажбур бўлади.
У халқаро космик кеманинг илмий станциясида уч йилдан ортиқроқ муддатда ўзининг тиббий-биологик тадқиқотларини давом эттиради ва ўта мукаммал асбоблар ёрдамида улкан кашфиёт қилади, бу ҳодисани «Кассандра тамғаси» деб атайди (Кассандра – қадимги юнон мифологиясида Троя подшосининг қизи, фолбин). Айрим иккиқат аёлларнинг пешоналарида ҳомиладорликнинг дастлабки ҳафталарида икки қош оралигида қизил доғ, яъни Кассандра тамғаси пайдо бўлар экан. Крильцов бунинг сабабини аниқлайди – бу боланинг тақдири ёмон кечишидан нишона экан. Бундай ҳолларда ҳомила-эмбрион ёруғ дунёга келишни хоҳламайди ва ўзини йўқотишларини талаб қилади, шўрпешона бўлиб, бошқаларга ташвиш келтириб яшагандан кўра туғилмасликни афзал кўради.
Олим космосдан махсус нур юбориб, Кассандра тамғасини кучайтиради: оқибатда илгари билинар-билинмас бўлган қизил доғ кучайиб ҳаммага кўрина бошлайдиган бўлади. Шу йўл билан бутун ер курраси бўйлаб барча аёлларнинг ҳомилалари аниқланади. Ёруғ дунёга келгач, уруш-ғовғадан боши чиқмайдиган, жамият пешонасига битган бало – Гитлер ёки Чикатило бўлиб туғиладиган бундай ҳомилалардан келган сигналларнинг маъноси тахминан мана шундай: «Эрк менда бўлса, мен туғилмасликни афзал кўрган бўлур эдим... Борди-ю менинг хоҳишимга қарамасдан туғилишга мажбур қилсалар, мен тақдири азални қабул қилишга мажбурман, ҳамма замонларда одамлар худди шундай йўл тутишган... лекин мен билан видолашишга ҳали кеч эмас ва мен кассандра-эмбрионман, туғилишни хоҳламайман, истамайман, истамайман...»
Крильцов космосда узоқ ишлаб аномал ҳодисалар – кассандра-эмбрионларнинг йил сайин ортиб бораётгани, ёвузлик авж олиб, гуноҳи кабиралар кўпайиб бораётганига амин бўлгач, иксзурриётларни дунёга келтирганидан пушаймонга тушади ва ниҳоят, ўзини фазовий роҳиб деб эълон қилади ва Филофей лақабини олади. У Кассандра тамғаси ва кассандра-ҳомилаларни аниқлаш борасида қилган буюк кашфиётини ва инсониятнинг ўзи охирзамонни яқинлаштираётганини ошкор айтиб, Рим папаси орқали бутун башариятга, қўйингки келажак авлодларга мурожаат қилади. Номанинг бир нусхасини орбитал компьютердан «Трибюн» газетасига босиб чиқариш учун жўнатади.
Фазовий роҳиб Филофейнинг Рим папасига йўллаган хати романнинг бош фалсафаси, квинтэссенцияси, мағзидир. Хат эълон қилингач, барча қитъаларда халқ оммаси ҳаяжонга келади, ваҳимага тушади, Филофейга лаънатлар ўқийди, уни космосдан уриб туширишни талаб қилади, оломон америкалик башоратчи футуролог олимни Филофей кашфиётларига хайрихоҳлик билдиргани учун ўлдиради... Роҳиб буюк экспериментларининг моҳиятига африкаликлар ҳам, осиёликлар ҳам, руслар ҳам, америкаликлар ҳам тушуниб етмагач, ўзини очиқ космосга улоқтириб ҳалок бўлади.
Хуллас, роман жаҳон цивилизациясининг истиқболларига, маънавий, биринчи галда ахлоқий муаммоларига эътиборни қаратади, жамиятни соғломлаштириш йўлларини қидириб топишга ундайди.
Табиатда табиий сараланиш қонуни ҳукмрон, кучлилар унади, ўсади, заифлар нобуд бўлади, жунгли қонуни ҳам шундай – кучли кучсизни нобуд қилади, ейди. Ер куррасида одамлар кўпайиб кетаяпти, очлик, хилма-хил касалликлар авж олаяпти. Тавротда «унинглар, ўсинглар, ўзларингдан кўпайинглар» дейилган бўлса, аборт қилиш ҳам тақиқланса, жамиятни соғломлаштириш йўли борми ўзи? – деган фикр келиб чиқади.
Бугунги кунда туғма касалликларга мубтало бўлган ёки ичкиликбозлик ё гиёҳвандликка мойил ҳомилаларни аниқлай оладилар. Бундан бир неча йил олдин Россия ФА медицина-генетика илмий марказининг профессори, одам цитогенетикаси лабораториясининг мудири Николай Кулешовнинг ходимлари 300 мингга яқин ҳомиладор аёлларни текширишдан ўтказиб, оғир туғма ва ирсий касалликларга маҳкум 1250 боланинг дунёга келишининг олдини олган. Мумкин экан-ку!
Одамзотнинг бугунги ақлий такомилига етиши учун неча минг йилликлар керак бўлди. Эҳтимол бутун коинотда якка-ягона ана шу ақл ўчоғини йўқотиш учун эса кўп нарса керак эмас. Инсониятнинг эртанги куни ҳақида ҳозир, шу бугун бош қотириш керак. Атом бомбаси пультининг тугмачаси иксзурриёт васваснинг қўлига тушиб қолмасин. Энг муҳими кишилар ўзларини васваслик, ёвузлик, очкўзлик, ахлоқсизлик, бойликка ҳирс қўйиш каби нуқсонлардан тийишлари керак.
Кишиларнинг шафқатсизликлари, нафсониятлари, ҳиссиётлари, иштаҳалари ақл бовар қилмайдиган даражада ошиб-тошиб кетаётирки, асти қўяверинг.
Тропик ўлкаларнинг кўрки бўлган сайроқи тўтиқушларнинг тилларидан миллиардерлар учун тайёрланган тансиқ овқат пулга чақилиб, оч-яланғочларга тарқатилса неча минг киши ўлим чангалидан қутилиб қоларкин? Одам ўзидаги Азозилга ҳай бериши, ҳар қандай шароитда ҳам инсон бўлиб қолмоғи керак. Шундагина у инсон деган улуғ номга муносиб бўлади. Наҳотки фан-техника ва иқтисодиётнинг мислсиз ривожланиши имонсизлик, виждонсизлик, шафқатсизликнинг беқиёс авж олишига тўғри мутаносиб бўлса? Одамлар бутун ҳокимиятни жаноб долларнинг қўлига ишониб топшириб қўйишгандан кейин бошқача бўлиши мумкин ҳам эмасмикин?
Чингиз Айтматовни кўпдан бери қийнаб келган ва «Охирзамон нишоналари» (Кассандра тамғаси)да адибнинг бўғзидан олган глобал муаммолардан бири экология – экологик қасирғалар, ядро синовлари, «қора туйнуклар», «озон тешиклари», ҳоказолардир. Девқомат китларнинг ўзларини қирғоққа отиб гала-гала бўлиб ўлим қабул қилишига инсонларнинг ноинсоний хатти-ҳаракатлари сабаб эканлиги рост бўлса, бу охирзамон нишонаси бўлмай нима?
Охирзамон тушунчаси дунё каби кекса. Библиянинг бир бўлими Янги аҳдда (милоднинг биринчи асрида) охирзамоннинг бўлиши ҳақида башорат қилинган. Бу тушунча исломда ҳам бор. Шунинг учун Муҳаммад Саллолоҳи алайҳи вассалом охирзамон пайғамбари дейилган.
Палеонтологлар ер куррасида бир неча бор «охирзамон» бўлиб ҳаёт қайта тикланганини тан оладилар. Лекин тарих наздида бир-икки минг йил ҳеч қанча муддат эмас. Охирзамон тушунчаси нисбий тушунча, шундай бўлса ҳам бутун прогрессив инсоният, биринчи галда интеллектуаллар – алломаю уламолар бу ҳақда шу бугун бош қотиришлари, эзгуликнинг ёвузлик устидан ғалабаси учун курашишлари даркор.
Асарни қайта-қайта мутолаа қилар эканмиз, унинг моҳиятига назар ташлаб, космик юксакликка кўтарилиб эзгулик билан ёвузлик ўртасидаги азалий курашнинг янги қирраларини кашф этиш, инсониятнинг тақдири ҳақида жон куйдириб янги асар ёзиш фақат Чингиз Айтматовдек буюк адибга насиб бўлганига ишонч ҳосил қиламиз.


Энди таржималар ва таржимонлар ҳақида

Чингиз Айтматовнинг деярли барча асосий асарлари ўзбек тилига ўгирилган. Ёзувчининг кўпчилик қиссаларини, ҳикояларини, “Асрга татигулик кун” романини Асил Рашидов, “Қиёмат” романини Иброҳим Ғафуров, “Охирзамон нишоналари” романини, “Чингизхоннинг оқ булути” қиссасини, “Ҳтар қуш ноласи” ривоятини Суюн Қораев ўзбек тилига таржима қилган ва учала таржимада ҳам мутаржим асарлардаги ички оҳангни ушлашга эришган.
 Суюн Қораев филология фанлари номзоди, география фанлари доктори, Ҳзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Халқаро Айтматов академиясининг академиги. У таниқли журналист – 45 йилдирки, Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг аъзоси, тажрибали мутаржим ва публицист; ярим асрдан ошиқ вақт давомида кўплаб илмий, ижтимоий-сиёсий китобларни русчадан ўзбекчага ўгирган ва таҳрир қилган; тилшунослик ва терминологияга оид бир қанча илмий ишлар, мақолалар эълон қилган, 70-йилларда Ч.Айтматовнинг «Отадан қолган тирноқ» («Солдат ўғли»), «Жимжилоқ» ҳикояларини, «Манас отанинг оқ қори ва кўк музи» номли публицистикасини, 1997 йилда «Ўтар қуш ноласи» ривоятини ўзбекчага таржима қилган; С.Қораев Айтматовнинг фаолияти ва ижоди ҳақида, чунончи «Охирзамон нишоналари» романи, «Чингизхоннинг оқ булути» қиссаси тўғрисида қатор мақолалар ёзган.
1995 йилда С. Қораев муаллифнинг розилиги билан «Кассандра тамғаси»ни ўзбекчага таржима қилган. Романнинг «Эпилог» қисми (асарнинг деярли бешдан бир бўлаги) 1995 йилда «Чўлпон» нашриётида «Иксзурриёт» номи билан 10 минг нусхада нашр этилган. Роман таржимасидан парчалар «Халқ сўзи», «Ўзбекистон овози» каби газеталарда босиб чиқарилган. «Чингизхоннинг оқ булути» қиссаси С.Қораев таржимасида 1998-1999 йилларда «Бирлик», «ҳамкор», «Ватан», «Қишлоқ ҳаёти», «Марказий Осиё маданияти», «Инсон ва қонун» ва бошқа газеталарда деярли тўлалигича эълон қилинган. Демак илмий тил билан айтганда таржима маълум маънода «ишлаб чиқаришга жорий қилинган»: озми-кўпми китобхонлар нигоҳидан ўтган.
Чингиз Айтматовнинг тили асардан асарга мураккаблаша ва қийинлаша борганини эътиборга олсак, ёзувчи асарларини ўзбек тилига таржима қилиш осон кечмаган, албатта, уларда баъзи бир кам-кўстлар бўлиши мумкин.
Валлоҳ аълам – Аллоҳ билгувчидир, инсон эса хато қилгувчидир. Таржимон билан баҳслашса бўлади, масалан муаллифнинг қарийб ярим саҳифа келадиган жумлаларини бўлиб-бўлиб ташлаш мумкин эди, айрим сўзларни бошқачароқ таржима қилса бўларди.
Умуман мутаржим муаллифнинг фикрини тўғри тушуниб, китобхонга етказишга ҳаракат қилган. «Чингизхоннинг оқ булути» қиссаси ва «Ҳтар қуш ноласи» ривояти матнлари равон, бадиий жиҳатдан юксак савияда таржима қилинган.

Одил Ёқубов,
Ўзбекистон халқ ёзувчиси
 

 
Кассандра Апполон муҳаббатини рад қилгач, Апполон Кассандрани шундай дуойи бад қилдики, унинг башоратларига ҳеч ким ишонмай қўйди.
Қадимги юнон мифологиясидан

Икковидан қайси бири ҳали яшаб кўрмаган бўлса, қайси бири ёруғ дунёда қилинаётган ёвуз ишлардан бехабар бўлса, ўшаниси саодатманддир.
Екклесиаст

Б и р и н ч и б о б

Бу гал ҳам дастлаб Сўздан бошланди. Бир замонларда бўлгани каби. Ўша мангу Мавзудаги каби.
Кейинчалик нимаики рўй берибдики, ҳаммаси Оғиздан чиққан сўзлар самараси эди.
Бироқ асло кутилмаган ҳодисага биринчи бор дуч келган кишилардан кўплари вақти келиб мемуарларида худди ана шу ҳодисани ўз ҳаётимиздаги энг ҳаяжонли воқеа бўлди дея кўкларга кўтариб ёзажакларини хаёлларига ҳам келтирмаган эдилар. Буни қарангки, бу ҳодиса шоҳидларининг ҳаммаси ўз эсдаликларини «Ўша кунда бўлиб ўтган фавқулодда воқеалар детектив романдагидек ривожлана борди» деган сийқаси чиққан ибора билан бошлаган эдилар.
Сирасини айтганда, худди шундай бўлди ҳам. «Трибюн» газетасининг ходимлари тўсатдан бош муҳаррирдан фармойиш олдилар – ана шу фармойишга кўра, таҳририянинг раҳбарият жойлашган қаватида шошилинч чақирилган фавқулодда мажлиси пайтида қаерга бўлмасин қўнғироқ қилиш, телефонлар ва факсларга жавоб бериш ва ҳатто, таҳририя биносига чет кишиларни киритиш қатъиян ман қилинган эди.
Ҳамма нарса ана шу фавқулодда мажлисдан бошланди.
Газета саҳифаларида бундай баёнотни эълон қилиш етти ухлаб тушга кирмас! Лекин юрак ютмоқ ва ҳаракат қилмоқ керак эди. Масала жиддий эди: ё остидан, ё устидан. Ва «Трибюн» газетаси курраи заминнинг «нуктадони бисоти – афкори омма дарғаси» деган номга доғ тушурмаслик учун жон куйдириб елиб-югурар экан, иззат-нафси васвасасидан қутула олмади (кейинчалик мухолифлар буни «шайтон васвасаси» деб атадилар), ахир солим ўта катта эди-да – оламшумул сенсация. Таҳририя бу материални якка ўзи чоп этиш ҳуқуқини олди ва ҳар қандай тасодифларга қарамасдан таваккал қилди – инсоният тарихидан кўз кўриб-қулоқ эшитмаган ҳужжатни яшин тезлигида чоп этишга ботинди.
Худди ўша пайтда воқеалар бошида таҳририя шарҳловчиларидан бири кўпларнинг хотирасига михланиб қолган сўзларни айтиб солди: «Энди бўлди, йигитлар, — деди у газета саҳифасининг ҳали қуриб улгурмаган нусхасини қўлига ушлаб турар экан, — тарих оти ақл паккасидан ўтиб кетди! Бу эса биз туфайли, бизнинг «Трибюн»имиз туфайлидир. Бу маррага ҳеч ким етолмайди, ундан ўта олмайди. Ҳали ўлмасак ҳаммасини кўрамиз, ҳаёт кўрсатади. Буларнинг бари нима билан тугар экан? Кўрамиз! – У бошини чайқаб, маънодор қўшиб қўйди: — Аммо лекин, ҳамкасблар, кечирасизлар, огоҳлантириб қўймоқчиман, энди ҳар ким ўзи ҳақида ўйласин – бир соатдан кейин нима бўлади у ёғини худо билади».
Очиғини айтганда, хавф оёқ остида дегандай, ҳадиксирашга асос бор эди. Ўша куни таҳририядаги кайфият соат сайин ўзгариб турди, бир қарасангиз ҳамманинг қўлтиғидан тарвузи тушиб, бош муҳаррирдан тортиб журналистика факультетидан келиб шу ерда бўлажак репортажларнинг сир-асрорини ўрганиб юрган шогирдларгача – Ҳамма-ҳаммаси эшикларни ёпиб олиб, ҳатто бир-бирлари билан гаплашишдан ҳам ўзларини тийиб бош кўтармасдан ишлашар, бир қарасангиз, аксинча, қулоқни қоматга келтирадиган шов-шув, қий-чув кўтарилар, ҳамма изғиб, йўлаклар ва хоналарни бошларига кўтарганча шовқин-сурон оғушида бир-бирларига ҳаяжонли нигоҳ ташлар эдилар. Бироқ худди шу пайтда бошқа бир ҳодиса тўғрисида ҳам ўйлаш жоиз эди – қутурган оломон босиб келиб қолса-ю эшик-деразаларни ғовлар билан тўсиш эҳтиёжи пайдо бўлса-чи; бундай хавф шак-шубҳасиз эди – шиддат ила ёпирилган одамлар тошқинининг қаҳр-ғазаб билан ҳужумга ўтиши ҳеч гап эмас эди. (Бундай тошқинни ҳеч қандай полиция ҳам тўхтата олмаган бўлур эди) – Оломон дераза-ойналарни чилпарчин қилиб, телефонларни ерга уриб пачоқлаб ташласа, мебель ва оргтехникани бузиб-қийратишса, жанжал деса ўзини томдан ташлайдиган телеходимларнинг объективлари олдида нари-бериси бир соат ичида бутун дунёнинг тинчини бузиб, одам боласини чиндан ҳам Худонинг ўзи билан ёқалаштириб қўйишга журъат этган газетчиларнинг гирибонидан тутиб олишса, қўлингиздан нима ҳам келарди...
Ҳозирча эса ҳеч нарсадан бехабар, кемадай пишқирган оломон Американинг азим шаҳри кўчалари бўйлаб ҳар доимгидай сузиб борар, ойнадан либос кийган осмон ўпар бинолар олдида одамлар дарёси тинмай оқар, уларнинг ёнгинасида эса ялтироқ автомашиналар шодалари узлуксиз жилиб борар, тепада бўлса баҳайбат ниначилар янглиғ вертолётлар тиним билмас эди. Лекин ҳали ҳеч ким даҳшатга тушмаган эди, дунёнинг илгари ҳеч қандай шубҳа туғдирмаган сирларига куфрона тумшуқ суққан исёнкор газетани қўлларида силкитиб шаҳар майдонида бақириб-чақирмаётган эди. Ҳали ҳеч ким барчани оёққа турғизиб асфаласофилин сари етаклаш учун ғаламискорона хитоблар билан чиқмаган эди.
«Трибюн» рақобатдан чўчиб ошиқаётган эди. Бир зумда қайтадан саҳифаланган газетанинг бу сони ақалли ярим соат кечикса борми, космосдан келган бу материални дунёнинг хоҳлаган бурчагидаги ўзга бир газета бошига ҳар қандай кулфат тушса ҳам босиб чиқарган бўлур эди. «Трибюн» ўзининг шу қилмиши дастидан тўфон бошланиб бутун ер юзидаги барча тирик мавжудотларни сув олиб кетганда ҳам, ҳеч кимга ва ҳеч қаерга ҳеч қандай газета керак бўлмай қолган тақдирда ҳам бу имконни қўлдан бой беришга рози бўлмас эди...
Нуҳ тўфонининг оби омбори, келажакда ҳам муқаррибу муқаррар жаҳон тўфони мавжларини ўзида жам қила оладиган океан эса, ўша куни қитъалар орасида бор қудрати ила чайқалиб, ўзининг бутун тиниб-тинчимас жисми билан ер куррасини сезилар-сезилмас тебратар, баҳайбат оқимлар билан ўйнашар, ўз-ўзидан ҳаяжонланиб ва кўз очиб юмгунча ўркач-ўркач тўлқинлар кўтариб уммонгагина хос бепоён кенгликда милт-милт ёғдулар ўйинини намойиш қилар эди.
Футуролог магмадай қайнаб турган уммонга тепадан назар ташлар, Атлантика океани устидан учиб ўтаётган авиалайнернинг дарчаларидан бепоён океанни завқ билан томоша қилиб борар эди. Қуёш ҳар қачонгидай чарақлаб турибди. Нима учундир манзара уни мафтун қилиб қўйди, ҳолбуки бу сафар ҳам ҳеч қандай ҳайротомуз воқеа содир бўлмаган эди — Ҳар галгидай, юзларча авиайўловчилар учун ҳатто зерикарли бир манзара – пастда океан, сув, тўлқинлар, бўм-бўш уфқ ҳукмрон эди. У бўлса инсон кўзининг чексиз дунёвий кенгликларни кўра оладиган қандай ғаройиб бир митти мўъжизага айланганлиги ҳақида ўйларди. Бу тасодифий эмас эди. Ҳеч нарса, ҳатто булутлар билан беллашадиган юксакпарвоз тоғ бургути ҳам бунчалик гир атрофни бирваракайига кўздан кечира олмайди. Ҳа, техника ютуқлари туфайли инсон ҳаётга мослашишнинг оламшумул янги-янги имкониятларига эга бўлди ва Аллоҳнинг қудрати билан менгзагулик кучга эришди. Ахир, Худогина нозоҳирий юксакликда дунё узра кўз илғағисиз қуюн каби парвоз қилар экан, бутун Ер куррасини биратўла кўздан кечира олиш имкониятига эгадир. Бир маромда гуриллаб учиб кетаётган самолёт шовқини остида футуролог ана шулар ҳақида ўйлар эди. Ҳзлигинг билан холи қолиш нақадар яхши фурсат... У муз солинган катта қадаҳдаги олтинланиб турган вискидан ширакайф бўлиб, қонининг ёқимли жўшишига монелик қилмас, аксинча, камдан-кам учрайдиган ҳис – ўз эрки ўзидалик кайфиятини кўпроқ сақлаб қолишни хоҳларди. Бунинг устига ён-веридаги ўриндиқлар бўм-бўш – уни суҳбатга тортиб, алаҳситадиган қўшнилар ўз ўринларида эмас эдилар; буни ҳам сийрак учрайдиган омад деса бўларди.
Футуролог Европага қилган навбатдаги сафаридан қайтиб келмоқда эди. Яна халқаро конференция, даҳолар анжумани, яна узундан-узоқ мунозаралар, ана шу дайди алломаларнинг турмуш тарзига айланган тортишувлар, фикрлар ва башоратлар тўқнашувида бир-бирига уланиб кетадиган баҳслар. Бу сафар ҳам дунё цивилизациясининг истиқболлари ҳақида, якка қутбли тараққиётнинг хавфлилиги тўғрисида ва шу каби ҳар доим ҳам долзарб бўлиб келган муаммолар хусусида сўз бордики, Гарвард дорилфунуни алломасининг бутун умри ана шу муаммоларнинг мағзини чақишга сарфланган деса бўлади. Олим йиллар ўта башорат илмини тобора кўпроқ эгаллагани сари унга бу йўлдаги барча ҳаракатлари беҳуда кетгандай сезилар эди. Баъзида ўйлаб қоласан киши — Ҳар доим тақдирдан олдинроқ одим ташлаш, ҳаётнинг мазмун-мундарижасини фаҳмлаб олиш илинжида машаққатлар чекиш, яъни бугун ҳам, эртага ҳам, минг йилдан кейин ҳам ҳеч қачон ҳеч кимга юз кўрсатмайдиган ўша абадий муаммо кетидан сарсон-саргардон елиб-югуриш жонингга тегиб кетади. Бироқ келажак ҳақидаги ана шу фикрлар тўқнашувидан бош тортиб кўр-чи, ўзингни ўзинг кемириб емасанг, умидсизланиш касалига мубтало бўлмасанг, эндигина уфқда қорайиб кўринган нарсанинг сир-асрорини билиб олиш ҳаваси пайдо бўлмаса, мен кафил. Биз келажакнинг қиёфасини аниқ тасаввур қила олмасак, бутун интилишларимиз самарасиз бўлиб қолаверади. Лекин баъзан жуда қийин бўлади – ўзингни илмда тепса тебранмасликка, «беллашув устида» мавқе сақлашга чақириб, тарих ғилдираги қаерга, қайси жарликка тушиб кетиши мумкинлигини холисанлилло башорат қилиш, олдиндан айтиб беришнинг ўзи бўлмайди, тўғрисини айтганда, бу ғилдирак ҳам эмас, эҳтимол, умуман айланишга қодир бўлмаган, пучайган, қандайдир қаттиқ зарбадан кегайлари отилиб кетган велосипед гардишидир, — фанда ҳаракатнинг ана шу шаклининг аниқ бир таърифи йўқ. Тахминийлик, хомакилик, тантанаворлик – «қўнғироқхона» футурологиясининг ҳамишалик аломатларидир, шунга қарамасдан у ҳамма нарсани таъбирлаб, олдиндан айтиб беришга қўл уради. Ўлгудай юксак, лекин шалоқ «қўнғироқхона»дан туриб қилинган баъзи бир башоратлардан ёмғирли қора булутдан қочгандай узоқлашгинг келарди, ўз башоратларингдан, тарих ғилдирагининг машъум айланма ҳаракатларини сеза бошлаганингдан ва энг аввало, ўтирса ҳам, турса ҳам фақат ҳокимият дея очиқдан-очиқ сурбетлик йўлини тутиб, эски ёвузлик ўрнига янгисини туғдираётган асов кучларнинг бостириб келаётганидан юрагинг орқага тортиб кетади, чунки ҳар қандай ҳокимият ўз мақсадлари хусусида нимаики демасин, унинг қон томирида амр-фармон оқади. Ҳақиқат ва беназир идеал иштиёқмандларининг орзу-истакларига қарши ўлароқ футурология бу борада киши қалби учун жон қийноғи ва азоб-уқубатдан бошқа нарса эмас эди. Шу билан бир вақтда сўзлашишни ҳам эплай олмаган ўша ибтидоий одамларнинг ўзларининг азалий машқларидан – келажакни олдиндан айтиб беришдан воз кечиши қийин бўлгани каби, тамомила беғараз, шу касбдан – беҳаловат инсониятнинг фаразий тараққиёт йўлларини халоскорлик ниятида бўлса ҳам олдиндан айтиб беришдан бўйин товлаш футуролог учун ўзидан воз кечиш, ўзликдан воз кечиш қадар қийин эди. Таъмагирлик бош аъмол бўлган ҳозирги жамиятда башоратчиларнинг мартабали бўлиши осон иш эмас. Ҳа, шон-шуҳратларга тўла антик дунёда Дельфа шаҳрининг соҳибкаромат аёллари ҳалокатни ҳам, зафарларни ҳам худолар номидан барвақт хабар қилишар эди. Лекин у замонлар ўтди кетди. ХХ асрда бўлса соҳиббашоратларга масхараомуз муносабатда бўладилар, аттанг!
Бироқ буниси ҳам у қадар қўрқинчли эмас. Футуролог ва унинг ҳамкасблари ўз доираларида, ўзларининг касбий манфаатлари билан яшар эдилар. Чунончи, унинг Европага ҳозирги сафари симпозиум билангина эмас, балки Франкфурт-Майн шаҳрида чоп этилган янги китобининг тақдимоти билан ҳам боғлиқ эди. Кимдир қабул маросимида шу муносабат билан немисча «майн» сўзига янги маъно бериб ҳазил мутойиба билан деди: Майн дарёси бўйидаги буюк шаҳар, «Майне Хераусфордерунг» («Менинг ўзимга қарши даъватим») деган буюк китобни босиб чиқарди, бу китобдаги фикрларни муаллифдан бошқа ҳеч ким инкор эта олмаса керак. Ўша китобда муаллиф сўлчиликдан ёпишқоқ чакамуғдан қочгандай қочган. Бу эса муаллифнинг ўз-ўзига, тўғрироғи ёшликдаги машқларига қарши чиқиши эди. Асримиздаги экстремистлик касаллигига барҳам беришни ўзидан бошлашга тўғри келди.
Китоб тақдимоти тугагандан сўнг у матбуот конференцияси ўтказди, дастхатлар берди, сўнгра Рейн дарёси бўйлаб узоқ сафар қилинди, ўша ерда сайёҳлик кемасида у «Шпигель» газетасига интервью берди. Футурологиянинг кексайиб бораётган пирларидан бирини Рейн дарёси соҳилида секин сузиб кетаётган қоялар олдида суратга туширишди. Ва яна ҳазил-мутойиба қилишди: қадимий қоялар футурологнинг ташқи қиёфасига жуда ўхшаб кетади, унинг ўзи эса кекса қоя каби улуғвор дейишди. У ҳам ҳазилга ҳазил билан жавоб берди: интервьюга ҳам «Кекса қоянинг мулоҳазалари» деб сарлавҳа қўйсак-чи? Ва кекса қоя тилга кирди. Хилма-хил саволлар берилди. Фанда ва умуман ҳаётда ўзи билан ўзи курашиш дегани нима? Бу ўз тажрибаси ва эътиқодларини тафтиш қилиш эмасмикин? Пиримиз нима дейдилар: пессимизм – Ҳар доим ҳаётнинг пешанада ёзилганидай якунланиши эмасми? У футурологиядаги авантюризм тўғрисида нима дейди? Ва ниҳоят, у ўзини яхши сезяптими? Унга ўша Рейн виноси ёқадими?! Мана буниси жуда соз! Америкаликлар ҳар доим шундай. Айниқса, немислардан чиққан америкаликлар шундай!
Мана энди шиддатли матчдан сўнг ҳамма ташвишларни бир чеккага йиғиштириб қўйиб тезроқ чарчоғини ёзиш учун кийимхонага шошилган спортчи каби, Роберт Борк самолётда сал бўлса ҳам алаҳсишга, доимо миясида ғужғон ўйнаган нарсалар ҳақида ўйламасликка ҳаракат қиларди. Лекин ўйламаслик мумкин эмас эди. У янги монография ҳақида хаёл суриб кетди. Эҳтимол, бу якуний китоб бўлар. Ўзининг ҳеч ҳам битмайдиган ишини битириши, шоҳ асарини ёзиб тугатиши керак эди. Насиб этса, албатта. Агар кўп йиллик тадқиқотлар асосида янги илмий башоратлар остонасига кўз югуртира олинса, Роберт Боркнинг фикрига қараганда, ҳозирги инсоният бутунлай янги муаммоларга дуч келади, борди-ю бирдан қуёш совиб қолса, ёки аксинча, янада қизиб кетса борми, ҳамма жойда ҳамманинг бошига мислсиз кўргиликлар, интиқомлар тушгани каби, инсониятни кўз кўриб, қулоқ эшитмаган синовлар кутади. Инсоният ана шу янги муаммолар мағзини чақар экан, ўзининг фожеий ҳалокатини англаб етишигина кифоя қилмайди. Балки, энг муҳими – бу туйғу омон қолишнинг янги усулларини қидириб топиш ва тараққиётнинг янги йўллари ҳамда шаклларини аниқлашга туртки бўлмоғи даркор, бу эса, ўз навбатида, янгича ҳаёт тарзига, янгича тафаккур қилишга олиб келмоғи лозим. Ана шулар ҳақида ёзиш, бўлажак тараққиётнинг йўлини айтиб бериш – унинг, Роберт Брокнинг охирги «Шоҳ асари» бўлмоғи керак эди. Уддалай олармикан? Вазифа ўта улкан... Вақт эса тутқич бермайди...
Бепоён океан самолёт қаноти тагида ҳамон чайқалмоқда, тўлқинлар ўйини ёғду сочмоқда эди. Қуёш, тубсиз очиқ осмон, кенглик, шиддатли парвоз — Ҳаммаси океан устида ҳаракатсиз қотиб қолгандай... Бир ярим соатлардан кейин қитъанинг қирғоқлари кўрина бошлаши керак, ва шунда чексиз осмонда самовий парвоз тугайди ва яна олағовур аэропортда биринчи қадамдан бошлабоқ у одамлар оқимига шўнғиб кетади.
ҳозирча парвоз давом этмоқда, йўлда эса, футурологни ногаҳоний ва фавқулодда воқеа кутмоқда эди.
У шунчаки ҳаваскор фотограф эди. Шунга қарамасдан ҳеч қачон фотоаппаратини қўлидан қўймас ва кўнглига ёққан ҳар қандай нарсани суриштирмай-нетмай суратга олаверар эди. Хусусан, осмонни суратга тушириш деса ўзини томдан ташлар эди. Уйни тўлдириб юборган уч пулга қиммат суратлар айниқса хотини Жессининг жонига теккан эди. Жаҳли чиққан кезлари у эрини фотоахлатчи деб ҳақоратлар ва бир куни суратлардан яхшигина гулхан ёқаман деб пўписа ҳам қилиб қўяр эди; лекин бу гаплар уни севимли ишидан совута олмас эди. Бу сафар ҳам бирор дурустроқ манзарани суратга олиб, уфқда эркин ўйнаб юрган бир жимжимадор булут расми билан ўз коллекциясини тўлдириш ниятида яхши об-ҳавони кутаётган боладай ойнага ёпишиб фотоаппаратни тайёрлай бошлади. Афсуски, арзийдиган ҳеч нарса кўринмайди – осмоннинг ҳамма жойи мусаффо эди, фақат жуда пастда бир неча дайди булутлар санғиб юрар эди.
Шу он самолёт қийшайиб бурила бошлаган эди, у бирдан океанда сузиб кетаётган бир тўда китларни кўриб қолди. У китлар шу қадар аниқ кўриндики, ҳар бир китнинг қандай сузиб кетаётгани, бор гавдаси беш қўлдай намоён бўлди, у ҳайратдан бир энтикиб тушди. Ахир унинг тушига тез-тез китлар кириб турарди-да! ҳа, у чексиз уммонда сузиб юрган китларни тушларида кўриб турар, китлар уни гўё ҳамкорликка чорлар эди. Мана энди уларни ўнгида кўриб турибди. Фавқулодда манзара! Китлар осмонда учиб кетаётган турналар каби ўткир учбурчак ҳосил қилиб сузиб боришар эди. Йигирматалар чамаси кит. Самолёт текис уча бошлади, лекин пастда китлар ҳамон сузиб кетаётган эди. Китлар тўлқинларни ёриб ўтиб, бошлари узра фавворалар отиб, бир қарасанг океан қаърига шўнғиб кетар ва яна тоғдай танаси билан сув юзасига сузиб чиқарди. Китларнинг мана бундай бир маромда ва бир текисда ҳаракат қилишлари гўё бутун бир команда ўйинчилари бирон-бир ўйин қоидасига қатъий амал қилаётгандай тасаввур қолдирарди кишида.
Роберт Борк китлар галасининг бундай куч-қудрати ва санъатига маҳлиё бўлиб бутун борлиқни унутиб қўйди, бирдан ўзи ҳам девсифат китларнинг ана шу беназир пойгасига қўшилиб, ўзини кит-одам деб ўйлаб, уммонда сузиб кетаётгандай, баланд тепаликда ёққан жала суви елкасидан ялтираб оқиб тушаётгандай тасаввур қилди. У мавж ураётган океанда сузиб борар экан, бирдан бундан буён бир умр китлар билан бирга бўлишини қандайдир ғайришуурий ҳис билан тушунди, унинг қалбида ана шу учрашувнинг ботиний туб моҳияти намоён бўлди: китларнинг тақдири унинг тақдирига айланади, унинг ёзмиши китлар ёзмиши бўлиб қолади...
Демакки, унинг тушига китларнинг кириши тасодифий эмас экан-да? Мутлақо. Лекин кеч кирганда улар қаёққа ошиқиб кетишмоқда эди? Китлар уни қаёққа, қандай мақсад билан чорламоқда? У ана шундай узоқ масофадан бирон нарса чиқишига тўла ишонмаса ҳам фотоаппаратнинг тугмасини босди.
Дарҳол уйига қўнғироқ қилиш учун ўриндиқдаги авиателефон дастагини қўлга олди. Телефон таблосида банкнинг ҳисоб номерини, шаҳар кодини, уй телефонининг номерини тез териб бўлгач, қандайдир рақамда янглишиб кетди шекилли, номерларни қайтадан терди. У ўзи кўриб турган нарсаларини хотинига гапириб бермоқчи эди. Баъзан шундай бўладики, одам вужудини ларзага солган нарсасини бировга гапириб бермаса юраги тарс ёрилиб кетадигандай туюлади. «Хўш, Жесси нега энди телефонни олмаяпти?! Қаерда бўлди экан? Эҳтимол, уйдан чиқиб кетгандир? Ёки мени кутиб олиш учун йўлга чиқдимикин? ҳали эрта-ку?! Машинага қўнғироқ қилай-чи?!» Ўзи кўрган китлар ҳақида бошқа бировга эмас, фақат хотинига гапириб беришга ошиқаётган эди, гўё уйга келгандан сўнг айтиб берса бўлмайдигандай. Яқин дўстларининг футуролог устидан «у тушида ҳам хотинига содиқ» деб кулишлари бежиз эмас эди.
Океанда энди китлар кўринмай қолган, ғойиб бўлишган эди.
– Жесси! — деб қичқирди у телефонда хотинининг овозини эшитгач. — Тушимга китлар кирипти деганим эсингдами?!
– Эсимда, хўш нима эди? Сенга нима бўлди? Қаердасан ўзи?
– Мен ҳозиргина китларни кўрдим! Океанда китларга дуч келдим! Биласанми, бу... бу қандайдир афсонавий манзара эди, мен бунақасини ҳаётимда ҳеч ҳам кўрган эмасман... Бу...
– Тўхта, тўхта, нега бунча ҳовлиқасан? Марҳамат қилиб, ўзингни бос... Кейин, уйда гапириб берарсан. Китларингни қўй!... Бу ерда бизда шундай воқеалар бўляптики, сенга нима дейишимни ҳам билмайман! ҳамма ҳаяжонда. Ҳамма «Трибюн»ни ўқимоқда. Сизларнинг салонда бугунги газеталар борми? Айтгандай, қаердан ҳам бўлсин. Сизлар самолётда эканлигингизда бу ерда шундай ғаройиб воқеалар содир бўлаяптики! Бу «Трибюн» газетасининг шошилинч махсус сони, бу ҳақда ҳозиргина радио ва телевидение орқали эълон қилишди... Ҳамма бош кўтармасдан ўқияпти...
– Нима экан ўзи? Сиёсий сенсациями?
– Йўғ-е... Сиёсий сенсация бўлса кошкийди. Сенга қандай тушунтиришни ҳам билмайман. Ўзим ҳали ўқиб тугатганим йўқ. Бу — бутунлай бошқа нарса.
– Ҳар ҳолда нима ҳақида сўз боради? Нима ўзи?
– Самовий роҳибнинг Рим папасига хати! Умуман олганда унинг ҳаммага, бутун инсониятга мактуби, мурожаати...
– Нима-нима? Самовий роҳиб дегани ким экан? Шошма, илтимос. Самовий роҳиблар тайёрланадиган маҳкама борми ўзи?
– Мен бир нарса дея олмайман. Бу жуда катта мавзу. Ҳамма ўқияпти?
– Бу мактуб нима ҳақида ўзи? Унинг мазмунини айтиб бер. Икки оғиз сўз билан тушунтир.
– Ўша самовий роҳибнинг гапларига қараганда у буюк илмий кашфиёт қилган эмиш. Эндиликда кишиларнинг дунёга келишларини, туғилиш-туғилмасликларини одамларнинг ўзлари ҳал қилар эмиш.
– Нималар деяпсан ўзи, Жесси?! — Футуролог довдираб қолди. — Ҳеч нарсага тушунмаяпман. Қандайдир алаҳлаш бўлса керак. Шунақа деб бўладими? Унда Худо қаерда қолади?
– Билмайман. Эҳтимол бу Худонинг амри билан бўлаётгандир.
– Ана халос! Нималар деб валдираяпсан ўзи?! Нима деяётганингни ўзинг биласанми? У ёқда нималар бўлаяпти ўзи?
– Келганингдан кейин ўқиб оласан. Ҳамма бир-бирига қўнғироқ қилаяпти. Ҳамма саросимага тушиб қолган, кўплар шу қадар ғазабга минганки, «Трибюн»ни ер билан яксон қилишга тайёр. Дўстларинг шу топда сенинг фикринг керак бўп қолди дейишаяпти. Бу ишларнинг мағзини чақиш, ундан кейин нима бўлишини айтиб бериш керак экан...
– Ўша самовий роҳиб ким экан ўзи? Орбитада ақлдан озиб қолган астронавтлардан биридир-да?
– Ҳа, ўша ватанига қайтишдан воз кечган космонавт экан, эсингдами — космик илмий станция экипажи аъзоларидан бирининг Ерга қайтишдан бош тортганлиги ҳақида матбуотда хабар берилган эди.
– Эсимда бўлганда қандай. Унинг рус эканлиги, америкалик ва япон астронавтлари билан учганлиги ҳақида ёзишган эди. Лекин оти эсимда йўқ.
– Хатда ўзини роҳиб Филофей деб атаган.
– Филофей? Бу унинг ҳақиқий исми эканми?
– Билмайман.
– Бу ўрисча исм. Ҳозир ўрислардан ҳамма нарсани кутса бўлади. Улар ўз умрларида нималарнигина кўрмаган дейсиз... Демак, дарвиш самовий ҳужрага кириб олиб, у ердан туриб ғоялар юбормоқда. Буниси янгилик!..

И к к и н ч и б о б
РИМ ПАПАСИГА!

ҳазратим! Коинотнинг ўта йироқ нуқталаридан — ер атрофи орбитасидан, мана учинчи йилдирки космик илмий-тадқиқот станциясида ишлаб турган экспедициядан сизни безовта қилганим учун кечирим сўрашдан олдин фикран қаршингизда тиз чўкаман ва қўлингизни астойдил ўпаман. Осий бандани кечирасиз ва мумкин бўлса, менинг сўзларимга қулоқ оссангиз — гап шундаки, менинг амалий чиқарган хулосаларим ва эҳтимолки, Тангри таолонинг иродаси ва амри ила ўз бошимда синаб кўрган ғоялар ва бундай қараганда тамомила тутуруқсиздай, ҳатто ахлоқий-тарихий тажриба нуқтаи назаридан зарарлидай туюлиши мумкин. Акс ҳолда, ҳазратим, мен Сизни безовта қилмаган бўлур эдим, менинг Сизга мурожаат этишим гуноҳи кабира эканлигини жуда яхши тушунаман. Бироқ ишонаманки, мурожаатимнинг боиси мактубим мазмунидан англашилади.
Шундай қилиб, гапни масаланинг моҳиятидан бошлайман. Тақдир тақозоси ила каминаи камтаринга эндигина дунёга келаётган руҳнинг илгарилари номаълум бўлган хусусияти — инсон эмбрионининг рефлексияси (руҳий ҳолати)ни ўрганиш насиб бўлди, рефлексиянинг кашф қилиниши ва унинг мавжуд эканлигини англаб етиш, ғоят эҳтимолки, яратган қудратининг сир-асрорларини яхшироқ билиб олишимизга имкон беради. Мен шу вақтга қадар инсон нигоҳидан яширинган ана шу рефлексияни экспериментлар йўли билан аниқлашга муваффақ бўлдим ва буни мен инсон зоти эволюциясини такомиллаштириш йўлида янги бир имконият деб биламан.
Ва шунинг учун, ҳазратим, менинг сўзларимга қулоқ осишингизни ўтиниб сўрайман.
Такрор айтаман, мен жуда катта кашфиёт қилдим, бу кашфиётнинг оқибатлари, шубҳасизки, инсониятнинг бундан кейинги ҳаётига таъсир этажак. Мен ўз ҳақимда шундай дейишга мажбурман, чунки бошқа бирон киши мен эришган ютуққа баҳо беришга ҳозирча қодир эмас, негаки мислсиз кашфиётларимнинг табиати ҳақида ҳеч ким тасаввурга эга эмас.
Мен шунга амин бўлдимки, инсон ҳомиласи она қорнидаги ривожининг биринчи ҳафталарида ўзининг келажак ҳаёти қандай кечишини ички ҳис билан сезиш ва тақдири азалга ўз муносабатини билдириш имкониятига эга бўлар экан. Агар эмбрионнинг қисмати келажак ҳаётда ёмон кечадиган бўлса, ҳомила ўзининг ёруғ дунёга келишига қаршилик қилар экан.
Мен эмбрионда шундай сигнал-нишон топдимки, эмбрион туғилишга салбий муносабатда бўлса ўзидан нишон, яъни сигнал беради. Бу сигнал туғилишни хоҳламайдиган болага ҳомиладор аёлнинг пешонасида кичкинагина рангли доғ шаклида кўринади. Мен бу доғни Кассандра тамғаси деб, кўнгилсиз сигналлар бериб турадиган ҳомилани кассандра-эмбрион деб атадим.
ҳайратланарлиси шундаки, одам эмбриони ҳомиладор-ликнинг дастлабки ҳафталаридагина тақдири азалга ўз муносабатини билдириш ва фалокатдан хабар бериш қобилиятига эга экан. Шундан сўнг бу қобилият сўнади, сабабки, пушт аста-секин тақдирга тан беради.
Кассандра-эмбрионнинг келажак ҳаётдан норозилиги инсоният ҳаётининг бутун тарихи давомида нишон бериб келган, албатта. Лекин баъзи бир ҳомиладор аёлларнинг пешонасидаги рангли доғга ҳеч ким аҳамият берган эмас ва ҳозир ҳам эътибор беришмайди. Мен бундай доғнинг аҳамиятини аниқлаш баробаринда, унинг сезиларлироқ, аниқроқ намоён бўлиш усулини топдим. Бунинг учун нурлантириш сеанслари ўтказаман, Ерга осмондан туриб зондаж-нурлар жўнатаман. Орбитал модулдан йўналтирилган бу нурлар она қорнидаги кассандра-эмбрионнинг импульсларини кучайтириб беради. Натижада илгарилари одамлар ҳуснбузар деб ўйлашган кичкинагина рангли доғ фазодан йўналтирилган нурлар таъсирида милт-милт этиб ўчиб ёниб ҳаммага кўрина бошлайди. Зондаж-нурлар атмосферада кўринмайди ва киши танаси учун бутунлай зарарсиз. Бундай нурларни мен осмондан деярли ҳамма қитъаларга, бутун сайёрага йўналтираман. Бундай нурлантиришдан мақсад — кассандра-эмбрионларни ёппасига аниқлашдир. Эмбрионлар осмондан туриб «сўров қилинмоқда». Кассандра-эмбрионлар берган ахборотларнинг моҳиятини тахминан мана шундай таърифласа бўлади: «Эрк менда бўлса, мен туғилмасликни афзал кўрган бўлур эдим. Сиз юборган сўроқларга сигналлар жўнатяпман, сиз бу сигналларни ўқисангиз, келажакда мени ва бинобарин менинг қариндош-уруғларимни аччиқ тақдир, шўрпешоналик кутаётганини билиб оласиз. Агар сиз ана шу сигналларнинг сир-асрорларини аниқласангиз, билиб қўйингки, мен, кассандра-эмбрион туғилмасдан, ҳеч кимни ортиқча ғам-ташвишга қўймасдан даф бўлишни афзал кўраман. Сиз сўрасангиз — мен жавоб бераман: мен яшашни хоҳламайман. Борди-ю хоҳишимга қарамасдан мени ёруғ дунёга келишга мажбур қилсалар, мен тақдири азални қабул қиламан, барча замонларда ҳамма кишилар худди ана шундай йўл тутишган. Нима қилиш керак, сизлар, биринчи галда менга ҳомиладор бўлган она, ўзларингиз ҳал қилингизлар. Лекин дастлаб гапимга қулоқ солишга ва мени тушунишга интилинглар. Мен — кассандра-эмбрионман! ҳозирча мен билан видолашишга кеч эмас ва мен бунга тайёрман. Мен кассандра-эмбрионман, мен ўзим ҳақимда кўп кунлар давомида хабар бериб тураман, мен кассандра-эмбрионман, сизларга ўз сигналларимни жўнатиб тураман. Мен, кассандра-эмбрионман, туғилишни хоҳламайман, истамайман, истамайман, истамайман... Мен кассандра-эмбрионман!»
Ҳз-ўзидан тушунарлики, кассандра-эмбрион сигналини бундай изоҳлаш айрим ҳолда ҳеч кимни ҳеч нарсага мажбур қилмайди. Ҳомиладор аёлнинг манглайида милтиллаб турган Кассандра тамғаси тезда хиралашади ва ниҳоят ном-нишонсиз йўқолади. Ҳамма нарса унутилади кетилади.
Бироқ, фан бунга бефарқ қарай олмайди. Фазовий компьютердан олинган статистик маълумотлар кассандра-эмбрионлар сонининг йил сайин ортиб бораётганини кўрсатади.
Ботиний фалокатнинг бундай ортиб бориши — эмбрионларнинг ҳаёт оқимидан бош тортишга, йўқ бўлиб кетишга, яшаш учун курашдан бош тортишга тайёр эканлиги — булар нимадан дарак бермоқда? Бизнинг кундалик тажрибамиздан четда бўлган ғайритабиий ҳолатдан хулоса чиқаришнинг маъноси бормикин? Агар бор бўлса, эндигина пайдо бўлаётган организмнинг қўрқинчини реал ҳаётга тадбиқ қилса бўлармикин? Она қорнидаги ҳомиланинг тақдири азални сеза бошлашига биринчи сабаб ана шу гуноҳкор ҳаёт эмасмикин? Она — ўзича бир дунё. Атрофдаги воқеликнинг ҳомилага тақдирни ҳал қилувчи таъсири она орқали амалга ошмаяптимикин?
Бу саволларнинг ҳаммаси жавоб кутади.
Лекин гапни давом эттиришдан олдин, худди шу вазиятда нима учун айни Сизга, ҳазратим Рим католик черковининг бошлиғига мурожаат қилаётганимнинг боисини тушунтириб беришга ҳаракат қиламан.
Сизга, пайғамбар қатори бир зотга, Сизнинг Иисус Христоснинг ноиби, муқаддас Петрнинг вориси эканлигингиз ва шу туфайли дунёда катта обрўга эга бўлганингиз боисидангина мурожаат қилаётганим йўқ, бу ўз йўлига, яна шунинг учун ҳам мурожаат этаяпманки, Сизнинг шахсингиз Ер куррасида яшайдиган жуда кўп сонли кишиларнинг ахлоқий имон-эътиқодлари ва маънавий қадриятларини ўзида мужассамлаштиргандир. Ва мен Сизга мурожаат қилар эканман, ўзимнинг барча замондошларимга ва ким билади дейсиз, эҳтимол барча авлодларимизга мурожаат қилган бўларман.
Ўз-ўзидан тушунарлики, Сиз менинг мурожаатимни ўринсиз, андишасизлик деб ҳисоблашингиз мумкин ва ҳоказо, лекин нима бўлганда ҳам юқорида қайд қилинган «эмбрион умидсизлиги» муаммосининг муҳокама қилиниши илоҳий мўъжизанинг юз кўрсатиши — католиклар учун нозик ҳисобланмиш туғилиш сирлари мавзусига бориб тақалади, албатта.
Мен католик эмасман, лекин бу ҳолат менинг католик динига бўлган самимий ҳурматимга сира ҳам путур етказмайди. Менинг тасаввуримда осмон хилма-хил қушларнинг парвоз қилиши учун макон ва маскан бўлгани каби ўзининг бошқалардан устун эканлигидан мағрурланиб қотиб қолмаган ҳар қандай дин ҳам турфа овозларнинг янграшига йўл қўйиб бериши керак. Шу маънода католик осмонидан учиб ўтаётган қуш бўлиб қолсам, ўзимни бахтиёр ҳисоблаган бўлур эдим...
ҳа, мен дилимда, католикларнинг ахлоқий-этик ақидаларини доимо қўллаб-қувватлайман, чунки бу ақидаларда ҳаёт мантиқига энг яхши жавоб берадиган ва шунинг учун ҳам умумбашарий аҳамиятга эга бўлган, ҳамма қабул қилса арзийдиган қадриятлар мавжуд деб биламан. Бизнинг дилимизга ғулғула ва қийноқлар соладиган аборт — бола олдириш муаммоси ҳақида сўз борганда, айниқса, шундай. Аҳвол шу даражага бориб етдики, бола олдириш ёнғоқ чақишдай гап бўлиб қолди. Одамнинг дунёга келиш-келмаслиги осонгина ҳал қилинмоқда. Одамнинг туғилиши керакми — туғилмаслиги керакми, инсон яшаши керакми — йўқми? Бу масалани ким ҳал қилади? Буларнинг ҳаммаси тасодифий сабабларга, ўткинчи воқеаларга, кўпинча турмуш ҳодисаларига боғлиқ бўлиб қолаётир. Ва кўплар бунга худонинг нима алоқаси бор, дейишади. Эгамнинг бунга алоқаси йўқ. Худо ўз марҳамати билан бизга ҳаётни инъом этди. Бундан буёғини ўзимиз — уруғни сақлаб қолиш ёки аксинча, ҳомилани даф қилиш ҳуқуқига эга бўлган биз одамлар ҳал қиламиз дейишмоқда. Кишиларнинг ана шу тўхтовсиз баҳсларида абортни муқаррар тарзда тақиқлаш зарур деб биладиган католик черковининг мавқеини мен энг тўғри, айтар эдимки, ҳаётнинг бошланғич қурумига, унинг яратилгандан эътиборан қандай эканлигига мос тушади, деган бўлурдим. Чунки ҳар бир зиғирдай пуштда, янгиланган ҳар бир ҳомилада абадийлик ҳаракатининг такрорланмас шифри воқедир, пайдо бўлган ҳар бир мавжудот вақтлар чархида ўз кодига эга бўлиб, ўзига ўхшаш мавжудот қолдиради ва буларнинг ҳаммасини Худо дунёни бунёд этаётганда азалдан ана шундай қилиб яратган.
ҳа, католиклар фикрига қўшилиб эслатиб қўяйликки, бола олдириш Худонинг иродасини инкор этишдир. Неча марталаб айтилганки, бола олдириш қасддан қотиллик қилиш билан баравар зўравонликдир, аборт «қотиллик қилма» деган диний амр ва Инжилнинг «Ўзларингдан кўпайиб, ували-жували бўлинглар» деган оқ фотиҳасига мутлақо зиддир.
Буларнинг ҳаммаси тўғри, албатта. Шу билан бирга бошқа нуқтаи назар ҳам мавжуд. Қаерга борманг, ҳомиладор аёлнинг ишига аралашмасликка чақирадиган, ҳатто гўё шахс ва жамиятнинг манфаатлари йўлида ҳеч қандай иштибоҳ қилмасдан аборт қилишни тарғиб этадиган овозлар янграмаяпти дейсизми? Эндигина ҳомила шаклини олган инсон боласининг қисмати келажакда дунёда уни пойлаб турган азоб-уқубатлар — нажотсиз қашшоқлик ва касалликлар, зўравонлик, иллатлар ва хўрликлар исканжасига тушажак. Шунинг учун намойишга чиққан аёллар кўтариб кетаётган баландпарвоз шиорлар (масалан, «ҳомила меникими — меники!» каби шиорлар соддагина қилиб айтганда «ҳаммангиз мендан нари туринг!» дегани) ҳеч кимни хижолатга солмайди, худди шунингдек, ой-куни яқинлашган пияниста аёлларнинг «нима бўпти, ичганман, яна ичаман, эртага эса бу ярамасни, текинхўрни улоқтириб ташлайман ва юраман, яйрайман, ва мени бало ҳам урмайди» деган ҳаёсиз гапларидан кўплар нафратланмайди ҳам. Худоингиз менга ким бўпти, гуноҳ деганингиз нима ўзи?! Менга тупуришар экан, мен ҳам ҳаммасига тупурдим!... қабилида бўлажак инсонни қандайдир ахлат каби бир зумда улоқтириб ташлашади... Ва бунда шундай важлар келтиришадики, мантиқига қойил қоласан киши.
Ҳамма жойда бола туғишга қарши оммавий чиқишлар тобора кўпаймоқда, кишининг ғашига тегадиган гаплар айтиб, парламентларда декларацияларга зўр беришмоқда, эркаклар билан тенг ҳуқуқлилик ҳаракатларида, майдонларда ва кўчаларда, издиҳомларда бақириб-чақиришмоқда... Кўпгина мамлакатларда одам зотини давом эттириш эрки заифлашиб қолиши у ёқда турсин, балки таг-томири билан суғуриб ташланган. Бу ҳол ҳаётнинг боши берк кўчага кириб қолганлигидан нишона эмасми?
Ва шу билан бир вақтда ҳамма жойда ўз ҳолига ташлаб қўйилган ҳомиладор аёлларнинг аянчли қисмати барчага маълум. Бу аёлларнинг қорнидаги болалар кимга керак? Африка саҳроларида ҳам, замонавий шаҳарларнинг кўчаларида ҳам жуда кўп кишилар ана шундай ўйлашади. Зарурият билан имконият ўртасидаги тафовут тобора ортиб бормоқда. Айни вақтда... инсон боласининг ер юзидан йўқолиб кетмаслиги учун қўлимиздан келганининг ҳаммасини қилаётирмизми деган шубҳа ва қийноқ билан яшаётирмиз.
Модомики Ерда бахт топа олмас эканмиз, авлодлар силсиласини давом эттиришга барҳам беришимиз керакми ёки тегишли рухсат бўлса, бошқа сайёраларга ўтиб кетишга тўғри келадими? Токайгача виждонан ўзини қийнаб зорланиш ва ўз-ўзига ожизона савол бериш мумкин: бу саволларнинг ҳаммасига жавоб йўқ.
Бу масалалар ҳақида қанча гаплар бўлган, қанча жўшқин мунозаралар бўлиб ўтган ва буларнинг ҳаммасидан ахлоқсизликнинг ҳиди анқиб турибди, мен бўлсам худди Ойдан тушгандай бу ҳақда такроран гапиришга мажбурман. Мен Сиз орқали бутун инсониятга мурожаат қиламан, чунки янги, олдинлари бутунлай номаълум бўлган фалокат юз берди: эмбрионлар нажот сўраб бизга мурожаат қилмоқда ва энди бу ҳақда ўйламаслик мумкин эмас!
Эҳтимол, бу фалокатгина эмас, балки одам боласининг бундан буёнги йўлини олдиндан айтиб бериш учун Тангри таоло юборган имтиҳон ҳамдир. Бироқ ана шу синалмаган йўлдан юриб қаердан чиқамиз? Бизни келажакда нималар кутмоқда? Бизнинг ичимизда туриб олиб ўзимиз ҳақимизда сўйлаб бераётган кассандра-эмбрионлардан қочиб қаерга борамиз?
Етти ухлаб тушимизга кирмаган жаҳаннам лабига келиб қолдик. Дунёда янги бир муҳлат бошланди... Биз бу ҳақиқатдан кўз юмиб яшай оламизми?
Худди ана шунинг учун ҳазратим, лозим деб топсангиз, менинг кашфиётим коинот қаърида биринчи қуёш ёнида бирдан иккинчи қуёш пайдо бўлгани каби инсоният учун кутилмаган бир ҳодиса эканлигига аниқ баҳо берарсиз деб ушбу хат билан Сизга мурожаат қилаётирман.
Мен бутунлай саросимага тушиб қолганман. Станциянинг оптик асбоб-ускуналари мени Ерга шу қадар яқинлаштирадики, ердаги воқеликни идрок этишда масофа деярли ҳеч қандай роль ўйнамайди, ҳар қандай бўлганда ҳам мен жисмонан космосдаман. Нарса-ҳодисаларнинг ҳақиқий ҳолатини инсоният тўсатдан англаб олиши лозим бўлган пайтда мен Еримизда, осий бандалар орасида бўлишни хоҳлар эдим. Лекин мен бу ерда — фазода бўлишим керак. Мен орбитада, илмий станцияда бўлишга мажбурман, чунки самовий роҳиб Филофей ўз қилмишларимга, яъни кассандра-эмбрионларнинг флюидларини (психик токларини) аниқлаш учун зондаж-нурлар сеансларини узлуксиз ва мунтазам ўтказиб туришга тўла жавоб бераман. Кассандра тамғасини аниқроқ кўрсатиб берадиган ана шу нурланиш усулини мен ишлаб чиққанман ва бунга ўз виждоним билан жавобгарман.
Лекин сайёрадошларимизнинг буни қандай қабул қилишлари мени ташвишга солмоқда. Кишилар ҳеч қачон бундай мислсиз ҳодисага дуч келишган эмас. Ва одамлар ўзлари ўзларига ич-ичидан қарши чиқишди.
Бўлажак оналарнинг пешоналарида милтиллаб турган зиғиртдай ана шу нуқтачанинг нима эканлигини одамлар тушуниб қолишса борми, ҳамма саросимага тушиб қолади.
Мажолсиз қолган пайтларимда йиғлаб ва зорланиб Парвардигорга муножот қиламанки, охирзамон эмбрионларининг сирини биринчи бўлиб тушуниш, генетиканинг бурчак-бурчакларида биқиниб ётган ва эндигина юз кўрсатган фалокатнинг машъум белгиси бўлмиш Кассандра тамғасини аниқлаш биринчи ўлароқ менга насиб қилди. Менинг аҳволим даҳшатли девга рўпара келган Фаустникидан ҳам аянчли. Парвардигордан менга раҳм-шафқат қилишини, мен ожиз бандасини афв этишини ўтиниб сўрайман. Ҳеч ким, ҳеч қачон бундай аҳволга тушган эмас. Нега энди бу қисмат менинг ҳиссамга тушиши керак экан? ҳазратим, Сизга мурожаат этишга журъат қилар эканман, ҳеч ким, ҳеч нарса мени бунга мажбур қилмаётир. Балким менинг бу ҳақда оғиз очмаслигим, ўзим кашф қилган сирни гўрим-га олиб кетишим керакмиди? Мен агар шу йўлни тутганимда борми, бу сирни ҳеч ким билмаган, менга ҳеч ким таъна тошини отмаган ва айб қўймаган бўлур эди, албатта.
Нега энди мен бу шум хабарни одамларга маълум қилаётирман? Мен бу ишни оилани бузмоқ учун, авлодларга ҳаётни давом қилдиришда, бинобарин фоний дунёда яшашнинг маъно-мазмуни борми деб ўйланиб ва чўчиб юрган ҳар кишида шубҳа уйғотиш учун, ақл-идрокларда бемаъни тўнтариш ясаш, бошбошдоқлик ва нифоқ уруғини сочиш учун қилмаяпман-ку, ахир! Буёғи қандай бўларкин? Одам Ато ва Момо ҳаводан буён ҳаётнинг метиндай мустаҳкам турган пойдеворининг дарз кетганини энди қандай қилиб аслига келтириб бўларкин?
Мен ўзимга-ўзим бу ҳақда кўп марта савол бердим ва ўзим кўп марта жавоб қайтардим... Охири шу хулосага келдимки, ҳар қандай ҳолатда ҳам, ҳар қанча мулоҳазага борганда ҳам яширин эмбрионлар оламида қилган кашфиётим ҳақида оғиз очмасликка ҳаққим йўқ экан, чунки такрор айтаман, кассандра-эмбрионлар сони тўхтовсиз ортиб бормоқда. Бунинг сабаби — инсон ҳаётининг ахлоқсизлиги ва фалокат ёқасига келиб қолганлигини дунёвий онгнинг тобора кўпроқ тушуниб етганлигидадир. Кассандра тамғаси — дунёнинг охир бўлиши яқинлаша-ётганини она қорнидаёқ бутун борлиғи билан ва умидсизланиш ҳисси ила кутаётган охирзамон ҳомиласининг кадр орти овозидир. Бу эса ҳомилада яшашга табиий интилиш ҳиссини сўндиради.
Эндиликда шу кунларда индустриялашиб бўлган жамият шароитида бундай ҳолатни дунёдан яшириб бўлармиди? Йўқ, албатта, бундай яшириш инсониятга қарши, ўз-ўзларимизга қарши жиноят бўлур эди.
Биз ўз-ўзимизни англашимизнинг кескин ўзгариши олдида турибмиз, чунки шу пайтдан эътиборан биз хоҳлаймизми, йўқми, шу нарсадан кўз юма олмаймизки, эмбрион бўлажак шахс сифатида қандай генетик маконда дунёга келишига бефарқ қарай олмайди, бошқача айтганда, бизнинг ким эканлигимизга, биз келажак ҳаётга умид кўзи билан қарайдиган некбинлармизми, биз шахслармизми — бу масалаларга эътиборсиз қарай олмайди. У ташвишланиб ўз тақдирининг перископидан кўз узмайди, тақдир дегани келажак ҳаётнинг кўзгу орти денгизида сузиб юрган кўзгу орти сув ости кемасидир. Кассандра-эмбрионнинг ана шу перископига ўзимиз нигоҳ ташласак-чи?! Бизга қақшатқич зарба бераётган тақдир қасирғаларига ўзимиз сабабчи эмасмиканмиз?
Ўйлашга ҳам юрагим дов бермайди: кассандра-эмбрион бизнинг бу дунёдаги ўз бурчларимиздан юз ўгирганимиз оқибати эмасмикин? Бизлар аслида пок илоҳий мавжудотлар қандай қилиб шу аҳволга тушиб қолдик? Одам боласи ҳомила босқичидаёқ охир замондан хабар бера бошлаши учун одамларнинг ишлари ва тафаккурларида қандай кўнгилсиз ўзгаришлар, ўпирилишлар рўй бермоғи керак эди?
Йиллар, асрлар ўта генларда компьютер хотирасидаги каби нимаики тўпланган, жамғарилган бўлса, ана шу ҳодисада ҳаммаси юз кўрсатади. Бугун бизларга эмбрион рефлекцияси — Кассандра тамғасининг экрандагидай аксини топиш имконияти берилган. Ана шу тамғани бўрттириб кўрсатадиган зондаж-нурларни тақдир тақозоси ила фазодан мен жўнатиб турибман. Ана шунинг учун мен сўз сўрайман. Мен, самовий роҳиб Филофей шу йўл билан ҳамма гапларимни айтиб олмоқчиман. Бу менинг бурчим.

Рухсат этасиз, ҳазратим, сизнинг қимматли вақтингизни олганим учун кечирим сўраб, узундан-узоқ туюладиган сўзимни давом эттирмоқчиман.
Кассандра тамғаси нима эканлигини била туриб, бундан буён қандай йўл тутишимиз лозим? Буни тушуниб етиш учун, ниҳоят шуни очиқ тан олиш керак: бирон киши томонидан қилинган ёвузлик шу кишининг жисмонан йўқолиши билан, ҳаёти сўниши билан тугамайди, балки генетик ўрмонда азалий уруғ шаклида сақланиб қолиб, эҳтимол бўлмиш икс соатни кутади ва белгиланган вақтда портлайдиган минага ўхшаб ўзини намоён қилади.
Айтганча, кўчма маънода эмас, балки чинакамига белгиланган вақтда портлайдиган мина ҳақида гапирайлик. Бу воқеа Афғонистонда, чекланган совет қўшинлари контингенти шу мамлакатга юборилган даврда бўлиб ўтган. Бу воқеаларнинг сиёсий замири етарли даражада яхши маълум, мен эса урушаётган келгиндилар томонидан ясалган конкрет «мурда» қопқонлар қандай қўйилганлиги ҳақида гапирмоқчиман. Душманнинг мурдасини қишлоғи яқинига, йўл ёқасига, кўринадиган жойга ташлаб тагига махсус мина қўйишган. «Контингентчилар»нинг ўзлари эса бўладиган воқеани суратга тушириш учун яшириниб туришган. Кишилар мурдани кўмиш учун олиб кетишга келишлари билан мина портлаб одамларни жойида ўлдирган. Ўта сезгир плёнкада бутун воқеа ўз аксини топган... Мана вафот этган афғонга хотини яқинлашиб келади. Қўшнилари уни ушлаб қолишга ҳаракат қилишади, лекин аёл зор йиғлаб, эрининг мурдасига ташланади. Шу заҳоти кучли мина портлаб, аёлни ва у билан келган кишиларнинг ёстиғини қуритади. Ҳаммаси ўлади. Буларнинг бари кинога олинган. Бошқа бир кадрда эса ҳуркиб, чўчиб турган болаларни кўрасан. Улар дод-фарёд солиб, ястаниб ётган отасининг ёнига чопиб келишади ва яна мина портлаб болаларнинг тит-питини чиқаради... Йўл ёқасида ўлиб ётган одам ёнидан бефарқ ўтиб кетмаслиги учун отдан тушган йўловчи «бу ким экан?» деб жасаднинг елкасидан тортиши билан яна портлаш рўй беради. Ва яна қурбон. Бош суягидан яраланган от бор вужуди билан қоча бошлайди, сўнгра йиқилиб оёқларини қоқиб, пишқириб жон таслим қилади. Буларнинг ҳаммаси плёнкага туширилган... Шундай қилиб, «мурда» қопқонларнинг операцияларидан энг характерлилари кинога олинган. Ана шу йўл билан плёнкага туширилган бу манзаралар жанговар топшириқ сифатида баҳоланган ва штабларда тегишлича тақдирланган. Бундай плёнкаларни кўздан кечирган айрим кишилар бу манзараларда ўз кўрсатмалари ва мақсадларининг ижросини кўришган. Бу даҳшатларни экранда кўриб ўз касбидан қаноат ҳосил қилганлар кимлар экан ўзи? Ана шундай ажал қопқонлари қўйиб, жиноятга қўл урган ва ўз қилмишларини бутун даҳшатлари билан киноплёнкага туширган мардлар кимлар эди, қаёқдан келган эди? Уларнинг зоти-зурриёти номаълум, ота-боболарининг кимлар эканлигини ҳам билмайсан. Фақат қилмишларини кўриб уларнинг ким эканликларини билиб олса бўлади.
Ўз-ўзидан савол туғилади — умрбод таъмагирлик билан ва ҳар доим Худонинг жиғига тегиб яшайдиганлар кимлар экан, биз ҳаммамиз Яратганнинг меҳр-шафқатини суиистеъмол қилиб ҳамиша уни олий суянчиқ деб биламиз ва нажот йўлида тоат-ибодат билан мурожаат қиламиз-ку унга, хўш, бизнинг жисмимизга — генларимизга йўқотиб бўлмайдиган ёвузликлар уруғини экадиган ўша баттоллар кимлар ўзи? Қаердан келган? Уларнинг ўзлари кимлардан чиққан? Жавобсиз савол... Лекин шундай деган билан мушкул осон бўлмайди. Буларнинг ҳаммасининг манбаи қаерда? Булар ғорда тириклайин кўмилганларга ўт қўйган ибтидоий одамларданмикин ёки бўғиб ўлдираётганда қурбонининг қийноқларидан шаҳвоний лаззатланадиган васвасларданмикан, минг йиллар давомида жаҳолат ва шафқатсизликларнинг иблисона жаҳаннамидан ўтган қанча-қанча золиму бераҳмлардан келиб чиқдимикин; ва азалдан давом этиб келаётган ана шу узундан узоқ рўйхатда жаллод хоннинг ёнида жаллодлик қилганларни ёки ўз тажрибаси билан бизга таниш бўлган, партия галалари орасида мутаассиб ғазабнок жарчиларни, балконлар ва минбарлардан туриб бор вужуди билан томоғини йиртиб-қичқириб, инқилоб ва уруш оловини ёққан, жон-жаҳди билан ҳокимиятга ёпишиб каттароқ амалга минган сари қутуриб қаҳр-ғазабга тўлган раҳбарларни эсламай бўлармиди?
Қон ва ҳокимият — ёвузлик уруғлари асрлар оша ана шу чиринди устида кўкариб келган... Ёвузлик ўрнини ёвузлик олган, ўз уруғларини бўлажак ёвузлик учун қолдирган...
Қўлга чироқ олиб ўтмиш чангалзорлари ичра аллақачонлар чириб кетганларнинг мурдаларини қидириш шарт эмас, шу маънода бизларга кўп нарсаларни айтиб бера оладиган давр — Сталингитлер даври ёки, аксинча, Гитлерсталин даври ҳали кўпларнинг хотирасидан кўтарилмаган. Ана шу икки ярим бир бутун шахс инсоният учун шу қадар қимматга тушдики, жаҳон статистикаси орадан кўп йиллар ўтганига қарамасдан ўзаро урушда, қонли жаҳон урушида қурбон бўлганларнинг умумий сонини ҳамон ҳисоб-китоб қилолмаётир, ўшанда физиологик жиҳатдан бир бутун махлуқнинг иккита калласи ҳаёт-мамот учун жангга кирган эди. Большевизмсиз фашизмнинг бўлиши мумкинмиди? Сталинсиз Гитлернинг бўлиши мумкинмиди ва аксинча? Айрим-айрим туғилган, лекин жаҳаннам тоғорасида бирга чўқинтирилган Сталингитлер ва Гитлерсталин номини эшитганда ХХ асрда яшаётганларнинг нақ юраги чиқиб кетай дейди.
Ким билади дейсиз, Гитлер бўлиб ёки Сталин бўлиб дунёга келиш хавфи бўлган кассандра-эмбрион, келажакда мурда билан жинсий алоқа қилишга ҳам тайёр (некрофиль) шўрпешона пушт Кассандра тамғаси орқали ўзининг келгуси тақдири ҳақида бутун дунёни, энг аввало ҳомиладор онасини ўз вақтида огоҳ қилмаганмикин, ўша эмбрион ўзининг мудҳиш роль ўйнаяжагини ички бир шуур билан сезиб сесканмаганмикин, унда туғилмаслик истаги пайдо бўлмаганмикин?
Улар дунёга келмаганларида нима бўларди? Бирон нарса дейиш қийин. Бундай ҳолларда одатда тарихни қайта қуриб бўлмайди, дейишади. Шундай бўлса ҳам, савол бериш мумкин: тарих бирон бир ўтмиш замонда мисли кўрилмаган шафқатсизлик ва одамкушликнинг қонли чўққисига кўтарилиши учун Гитлер билан Сталин чизиб берган қонли эгри чизиқ бўйлаб ривожланишга маҳкум эдими? Ана шу икки биродар ёвузликда миллион-миллион кишиларни бир-бирлари билан, умуман инсониятнинг ўзини ўзи билан тўқнаштириб қўйишдики, ўша даврда сайёра аҳолиси ўз-ўзидан тугаб, абадий йўқ бўлишни ўзига мақсад қилиб олиб, пировардида жамиики ғайриинсоний кирдикорларни бор бўйи билан намойиш қилди гўё. Тарихни ана шундай жаҳаннам ёқасига олиб келиб қўйган барча сабаблар тафсилотларига тўхтаб ўтирилмаса-да, шу ҳақда ўйлаб кўришга тўғри келадики, юқорида тилга олинган шахсларнинг ирсиятида сақланиб қолган мудҳиш золимлик касалининг муваффақият билан илдиз отиши учун ўз бошига бало қилиб сталинизмни ва гитлеризмни вояга етказган ҳамда ардоқлаган кишиларга ўша пайтдаги дунёвий онг нақадар қўл келган.
У замонлар ўтди-кетди. Кишилар илмий башорат усулини, жумладан, Кассандра тамғаси орқали сигналлар бериб турган кассандра-эмбрионларни билганларида эди, тарих тараққиёт ва роҳат-фароғат борасида қанчалар имкониятларни қўлга киритган, қанча-қанча кишилар қайғу-ҳасратдан, бахтсизликдан қутқариб қолинган бўлур эди. Афсуслар бўлсинки, инсоният ўзининг генетик тузилишида яшириниб ётган калитни жуда кеч пайқаб қолди...
Мана, эмбрионларнинг трансцендентал қобилиятларини билиб олиш йўлида янги сўз айтилди. Ана шу кашфиётлар кетидан бизларни мўъжизалар кутаяптими? Йўқ. Азал-азалдан инсониятга нозил қилинган Эзгулик энергиясини ва шу билан бирга эзгуликка қарши Ёвузлик энергиясини ҳеч Ким ўзгартира олмайди. Булар бир-бирига тенг миқдорлардир. Лекин инсонга абадийликнинг битмас-туганмас ҳаракатини ўзида мужассамлаштирган ақлий афзалликлар ато қилинган ва инсон омон қолишни истаса, тараққиётнинг чўққилари сари кўтарилишни хоҳласа, у ўзидаги Ёвузлик устидан ғалаба қилмоғи зарур. Ахир кишиларнинг бутун умри бу йўлда шундай тинимсиз интилишларда ўтадики, бизнинг асосий бурчимиз ҳам ана шундадир.
Мана, бизнинг ўзимизда яшириниб келган ботиний сир юз кўрсатди. Бу жонли руҳнинг илгарилари номаълум бўлган ҳадларига чуқур кириб борилади деган сўз эмасмикин? Ички дунёнинг янги квантлари топилди деган сўз эмасмикин? Буни ким айта олади?
Шундайми, йўқми – айтиш қийин, лекин мен жамиятнинг диққатини яна шу нарсага қаратмоқчиманки, кассандра-эмбрионларнинг кашф этилиши ҳаётимизда янги муаммоларни келтириб чиқарди – илгарилари бунақаси бўлган эмас.
Кассандра-эмбрионнинг сигналига қандай муносабатда бўлиш кераклигини ким айтиб бера олади. Ота-оналар қандай йўл тутишлари керак? Кассандра тамғасига тақдири азалнинг даракчиси деб қараш керакми? Ёки аксинча, уни умуман хаёлдан чиқариб ташлаш лозимми? Қўл силташ керак, вассалом, орадан икки ҳафтача вақт ўтгандан сўнг, айниқса, кечалари ҳомиладор она тинчгина ухлаётган пайтда милтиллаб турадиган ғалати нуқта йўқолади, ўз-ўзидан сўнади, вассалом. Худо хоҳласа, унутилади ҳам.
ҳа, эҳтимол шундайдир. Лекин шунга қарамасдан буни эслашади, ҳа, бола ой-куни етгач, туғилгандан сўнг ота-оналар хоҳлашадими-йўқми ҳалигини эслашади. Кейинчалик, эҳтимол, бу эсда ҳам қолади, болаликда, онанинг тақдирида, оиланинг ҳаётида ҳар хил мушкул вазиятлар рўй бериши мумкин, ва ҳар гал Кассандра тамғасининг сигналларини эслаганда юрак орқага тортиб кетади ва муваққат рангли доғ ҳақида хилма-хил фикрлар эсга келиб, қанча-қанча саволлар туғилади. Шуниси қизиқки, бу белги нима учун уларнинг болаларига, шу аёлнинг боласига тўғри келди, деб ўйлаб қоласан киши. Бундай белги бошқа оналарда ҳам бўлдимикин, агар бўлган бўлса, улар ҳам буни ҳаммадан ва ўзларидан яширишадими, эсга олмасликка, ақл бовар қилмайдиган бир ҳодиса сифатида унутишга ҳаракат қилишадими? Бола ҳам қандайдир йўллар билан, элас-элас туш кўргандай бу ҳақда шубҳалана бошласа-чи ва бу нарса умуман боланинг руҳиятида акс этадими?
Бу эса саволлар ва шубҳаларнинг биринчи тўлқини, холос. Бундан буён улар тобора кўпайиб, мураккаблашиб бораверади. Наҳотки ота-оналар ўзлари ҳақида, ўзларининг бевосита ва билвосита гуноҳлари тўғрисида ўйлашмаса? Эҳтимол улар — она ҳам, ота ҳам ҳаммасида айблидирлар? Энг оғири, энг мушкули шудир, чунки ўзини айблашдан қийин азоб йўқ. Мана шу ўринда ўз-ўзидан энг қийин савол туғилади — нима учун худди шу ота-оналарнинг пуштлари фалокат сигналлари бера бошлади, бунинг сабаби нимада — ота-оналар худди ана шу ҳақда ўйлайдилар. Эмбрионни шу аҳволга солган хилма-хил омилларни, яъни ўзларининг биологик индивидлар сифатидаги хатти-ҳаракатларинигина эмас, шу билан бирга шахсий турмушлари, жамиятдаги ҳаётлари билан боғлиқ ҳамма нарсаларни — ижтимоий аҳволи, даъво-талаблари, нафсониятлари, маслак-эътиқодлари: кишининг ҳаётини таркиб топтирадиган ва ларзага соладиган жамийки тушунчаларни, инчунин адолат нима, адолатсизлик нима, яхши нима, ёмон нима деган тушунчаларни ҳам эслашга мажбур бўладилар.
Ҳаётдаги ўта хилма-хил жиҳатларнинг ана шундай ўзаро боғлиқлигининг боиси шундаки, пуштнинг пайдо бўлиши Макон ва Замондаги марказий воқеа, табиат архетипларида тарихнинг мевасидир.
Кассандра-эмбрион ўта ўткир ички сезим (интуиция)га, замоннинг қандай бўлишини олдиндан сезиш хусусиятига эга. Шу боис эмбрион импульсларини тушуниб етиш биринчи галда ўзимиздан ташқарида ва ўз ичимизда пала-партиш барпо қилаётган дунёмизнинг мазмунини англаб етиш демакдир. Шу маънода Кассандра тамғаси, эҳтимол, воқеаликнинг моҳиятига янгидан кириб боришга, илгарилари биз учун қатағон бўлган сирни таҳлил қилишга туртки сифатида Тангри Таолонинг инояти ила кашф этилгандир. Ва ҳар бир киши ўз тушунчаларига қараб ва қалб амрига кўра хулоса чиқаришга эрклидир.
Шу ўринда ана шу ҳуқуқдан фойдаланиб, орбитал станцияда туриб кузатишлар олиб борар эканман, мен — самовий роҳиб Филофей — сўз сўрайман. Сайёрадошларимга мурожаат қилаётирман. Яратувчи томонидан бизга ато қилинган ҳаётнинг мазмун-моҳияти ҳурмати, биз яшаб турган дунёга эндигина келаётган кассандра-эмбрионнинг замон охир бўлишидан нишона бера бошлашига сабаб нима эканлиги ҳақида фикр юритайлик.
Бу масала юзасидан ҳар хил фаразлар бўлиши мумкин. Менинг ҳам ўз фикрларим бор. Космик станциянинг такомиллашган асбоб-ускуналари турли қитъаларда турли вақтларда олиб бориладиган телевизион кўрсатувларни қабул қилишга имкон беради. Оптик асбоблар Ер юзасининг турли нуқталаридан ҳамма нарсаларни турли шаклларда кўрсатиб турибди. Мен ерликларнинг кундалик ҳаётларини кузатиб турибман, агар мен Ерда бўлганимда эди, бунчалик кенг манзарани кўра олмаган бўлур эдим. Мен шунчаки кузатувчи эмасман, менинг дастурим ҳам космосни, ҳам Ерни қамраб олади, мен ҳозирги ва бўлажак инсоният олдида айта оламанки, жуда катта масъулият олган экспериментчиман. Бу баландпарвоз гаплар эмас, ҳақиқат. Шунинг учун, ҳақиқатга тўла мос келмайдиган биронта сўз айта олмайман. Мен ишонаманки, тадқиқотларим ўзимизнинг дилларимизда ўзимиз келтириб чиқарган тушунчанинг — дунёнинг охир бўлиши ҳақидаги тушунчанинг олдини олишга йўналтирилгандир. Мен бизнинг устимиздан абадий ҳукмронлик қилиб турган худбинлик ва риёкорлик имкон бермайдиган сўзларни ҳаммага баралла эшиттириб айтиб олишга ҳаракат қиламан.
Мен Кассандра тамғасини бутун бир система эканлигини аниқлашга қаратилган эксперментлар ўтказаётган бўлсам-да, бу ҳақда дунёбехабар аёлларга лом-мим демайман. Бу ҳаммага келган тўй. Гарчи ана шу кўзга кўринмас зондаж-нурлар соғлиқ учун бутунлай зарарсиз бўлса ҳам, кишиларнинг дилини оғиртяпман деб ҳар гал виждон азобида қийналаман.
Фазодан туриб «сўроқ» қилинганда кассандра-эмбрион милтиллаб нишон берса борми, бундай ҳолларда уларни мен ташвишланишдан халос қила олмайман. Буни тақдир дейдилар, тақдирдан эса қочиб қутилиб бўлмайди. Шуни тушуниш муҳимки, ана шу тақдир муайян шахс тақдири бўлса ҳам, айни вақтда ҳамманинг, бутун жамиятнинг тақдири ҳамдир, чунки бу фалокатнинг сабаблари дунёвий сабаблардир.
Биз хоҳлаймизми йўқми, кассандра-эмбрионлар билан Кассандра тамғаси бор нарса. Ва шунинг учун ўзимнинг космик тадқиқотларимни оғишмай давом эттиравераман, бу ҳақда очиқ гапиравераман, Ерда бу фалокатга учраган ёки бундан буён учрайдиганларга ҳамдардлик билдираман. Одамлар ўзлари ҳақидаги ҳақиқатни билишлари керак. Менинг Худо олдидаги бурчим ана шунда. Лекин бу ҳолда мен ташвиш торта бошлайман, ҳазратим, ана шу ташвишларимни яшира олмайман ва жамоат ҳукмига ҳавола қиламан.
Такрор айтаман, мен ўзим кашф этганим ва сирни ошкор қилганим кассандра-эмбрион олдида ҳам (ахир, ошкор қилинишини кассандра-эмбрионнинг ўзи талаб этмоқда) ва ҳомилани кўтариб юрган она олдида ҳам жавобгар эканлигимни англайман, она Кассандра тамғасининг аҳамиятини тушунмаганда эди, хотиржам яшайверган бўлур эди.
Ҳозир ҳам ана шу йўрға сатрларни компьютерда тераётган пайтимда ҳам қийналаяпман, шундай қилишга ҳаққим борми деган фикр мени азобга солмоқда.
Мен орбитал кеманинг деворларини кўздан кечираман, вазнсизликда компьютердан нарироққа сузиб кетаман, мени алаҳситадиган, ўзимнинг кашфиётим ҳақида бутун дунёга жар солиб тўғри иш қилганимга ишонч бағишлайдиган нималарнидир қидириб атрофга аланг-жаланг боқар эканман, станция корпусининг ҳар икки томонига ўрнатилган телеэкранларга кўзим тушади. Барча экранлар ёғдуланиб ишлаб турибди, турли мамлакатлардан турли тилларда телекўрсатувлар намойиш қилинмоқда. Мана бу ер юзидаги воқелик, бутун ҳақиқат барча қирралари ва ранг-баранглиги билан намоён бўлмоқда, рекламадан тортиб спортгача, суд репортажидан тортиб расмий шахснинг аэропортда кутиб олинишига қадарли, яна қанча-қанча воқеа-ҳодисалар кўз ўнгимдан ўтмоқда ва ҳоказо.
Кўз ўнгимда бутун дунёда намойиш қилинаётган ана шу серқирра манзара орасида кўчада ҳаяжонга тушиб, шовқин-сурон кўтараётган намойишчилар менинг диққатимни тортади. Нима учундир талай полициячилар норозилик билдириб кўчага чиққан намойишчилар билан бирга кетишяпти. Ҳамма кўчалар одамга лиқ тўла, турли нуқталардан, жумладан баланд жойлардан кўрсатувлар олиб борилмоқда, кишиларнинг ҳаяжонли овозлари янграйди. Жойлардаги воқеалар ҳақида гапираётган мухбирнинг ва студия дикторининг овозини кўчалардаги шовқин-сурон, бақириқ-чақириқлар босиб кетади. Бу воқеа қаерда бўлаяпти экан? Италияда бўлаётганга ўхшайди. Шу қадар узоқ ва яқин — Ҳаммаси шу ерда бўлаётганга ўхшайди: чақнаган кўзлар, имо-ишоралар, асабий чеҳралар. Ҳа, бу Сицилияда бўлаётир. Кишилар наридан бери ёзилган шиорларни кўтариб кетишмоқда. Ҳа, ўша. Яна мафия! Яна террорчилар. Прокурордан сўнг бу сафар бош судья қатл қилинди. Қатл қилинганда ҳам ҳамманинг кўз олдида, маккорлик билан шафқатсизларча ўлдирилди. Кўчанинг транспорт ўтадиган қисмида узоқдан бошқарилган портлатиш натижасида барча одамлар — Ҳамма-ҳаммаси, ана шу машъум пайтда автомабилда судья ва унинг қўриқчилари ўтиб кетаётган маҳалда шу атрофда бўлганларнинг бари тит-пити чиқиб портлаб ёниб кетди. Ҳамма найранглар барчанинг кўз олдида беками-кўст ишлади.
Намойишчиларнинг сабр косаси тўлиб тошган... Одамлар дарёси оқиб бормоқда. Лекин улар кимларга қарши чиқишмоқда? Омманинг қўлидан нима келиши мумкин? Мафиячиларнинг ўзлари намойиш қатнашчиларининг орасида мийиғида кулиб ўтиришмаганмикин? Орадан бир-икки соат ўтгандан сўнг намойиш тарқалиб кетади, мафиячилар ўз манфаатларидан воз кечишмайди, ўзларини баландпарвоз сўзлар билан мафия, картель, синдикат ва ҳатто империялар деб аташади. Бутун-бутун мамлакатлар, мафия мустамлакалари ҳозирданоқ ана шу кучларнинг яширин зулми остида яшамоқда!..
Намойиш қатнашчилари олға қараб боришмоқда. Уларнинг тепасида эса ғизиллаб вертолёт учиб ўтиб, варақаларни ёмғирдай ёғдиради-да, уйлар ортида кўринмай кетади. Буларнинг ҳаммаси менинг кўз ўнгимда бўлиб ўтаётир. Одамлар тепадан тушган варақаларни кўздан кечиришади. Варақаларда ажал нишонаси — калла суяги ёнида илик суяклари тасвирланган... Мафия ажал уруғини сочаётганини яширмайди. Барчага, мафияга қарши чиққанларнинг ҳаммасига ўлим! Қаҳрли ҳайқириқлардан одамлар ҳаяжонга тушишади. Кўпларнинг кўзларида ёш қалқийди. Бошига беретни қийшайтириб кийган, галстуги ечилиб кетган полициячи кийимидаги жувонга кўзим тушади. Қўлига камера ушлаб олган полициячи аёл видеога олаётган бўлса керак. Жувон вертолётни суратга олиб улгурди. Бундан не фойда? Мафиячилар аҳмоқ эмас — вертолёт бошқа рангга бўяб қўйилади, чил-парчин қилиб ташланади, ва ҳоказо. Мана полициячи аёлнинг қўлига микрофон тутган ёрдамчилари. Улар ҳаяжон билан нима ҳақидадир шоша-пиша гапирмоқда. Мен уларнинг аҳволини тушунаман. Бутун дунёда ҳар куни мафия қўлидан қанча полициячилар нобуд бўлишади. Буларнинг қисмати ҳам шундай бўлиши мумкин. Эҳтимол бу аёлнинг ҳам. Нимани кўраяпман ўзи: унинг пешонасида ўша машъум хол – Кассандра тамғаси. Ҳа, тўғри экан! Мен бу кадрни яқинлаштириб, катталаштириб кўраман – адашмаган эканман. Ё, Парвардигор, полиция ходимининг ҳеч нарсадан хабари йўқ, ҳозир унинг бу ҳақда ўйлашга вақти ҳам йўқ, лекин жувон ўзи-ку бу дунёсини ич-ичидан хуш кўрмайди, шунинг учун ҳозир фуқароларга қўшилиб олиб норозилик билдирмоқда, ана шу бор нафрати-ҳиссиёти бўлажак фарзандига ўтганини ўзи билармикин? Мана, фалокат даракчиси унинг пешонасида милтиллаб турибди. Ҳа, бу кассандра-эмбрионларнинг зондаж-нурларга акс садосини аниқлаш учун орбитада туриб ўтказган сеансларимдан бирининг амалий самарасидир.
Ўйлаб кетасан киши — борди-ю ана шу ёки қандайдир бошқа бир кассандра-эмбрион туғилса, вақт келиб, худди ўша ўғил бола (ёки қиз бола) энг даҳшатли жиноятчилардан бири бўлиши мумкин. Кўп кишиларга, бутун жамият бошига у қанча жабр-жафо, бахтсизликлар келтиради, катта жиноий ишларга қўл уради, бунинг асосий сабабларидан бири шуки, эмбрион бошқалардан ўч олиш инстинкти билан дунёга келган, негаки уни туғилишга, фоний дунёни қабул қилишга мажбур этганлар. Боланинг кейинги ҳаётида она қорнидаги даврининг фожиали бошланганлиги эсида қолмайди, лекин ўч олиш ҳисси хавфли самаралар беради. Агар тақдир тақазоси билан кассандра-эмбриондан пайдо бўлган бола кейинчалик унинг салбий генетик негизини зарарсизлантира оладиган муҳитга тушиб қолса-ку яхши; бошқа ҳолларда эса ундаги ёвузликларнинг авж олиши учун ҳеч қандай ҳаракат керак эмас — тоғдан қулаган тош тобора тезлиги ошиб кетавергани каби, ана шундай одам тақдирининг ўзи тубанлашиб бораверади.
Кассандра-эмбрионларнинг сигналларига эътибор берар эканман, уларнинг истиқболлари ҳақида ўйлаб кетаман ва уларга ачинаман. Уларнинг нидолари ўзимизга қайтиб келган камон ўқимиздир, бу ўзимиз, бу бизнинг узлуксиз осийлигимиз эвазига тобора авж олаётган қўрқинчдан нишонадир. Ва шунинг учун бу сигналларни — кассандра-эмбрионларнинг овозларини Ер куррасида ҳамма эшитиши, уларнинг даъватлари мазмунини тушуниши керак.
Йўқ, бу ўткинчи нарса эмас, сўз абадийлик тўғрисида кетаётир. Абадийлик ўз-ўзича абадийдир, инсон эса фақат бир йўл билан — авлоддан-авлодга ахлоқий жиҳатдан такомиллашиш йўли билангина абадийлик сари қадам ташлаши керак. Тараққиёт ғоянинг техникавий самарасидир, холос. Керак бўлса бутун дунёни остин-устин қилишга тайёрланаётган мутаассиб якка ҳоким қўлидаги ядро қуроли бунга яққол мисолдир.
Ерликлар кассандра-эмбрионларнинг сигналларидан ташвишга тушармикин, бу сигналларни генетик инқироздан, ва демакки, инсоният цивилизацияси инқирозидан нишонадир, деб қабул қилишармикин?
Олдиндан бир нарса дейишга қўрқаман. Яна шунинг учун қўрқаманки, шубҳа ва виждон азоблари ҳар бир воқеа доирасидан ташқарига чиқмайди, ва Кассандранинг ҳар бир тамғаси айрим-айрим ҳолда ўз ечимини ва хотимасини топади.
Кўпчилик аёллар ана шундай ғайриоддий ҳомиладан тезроқ қутилишга ҳаракат қилишади деб чўчийман, эрлари ҳам хотинларига бу борада монелик кўрсатишмаса керак. Бундай аёллар боласини олдиришни энг мақбул йўл деб топишади. Айтиш мумкинки, бу ахлоқий жиҳатдан ҳам, шубҳасиз, энг тўғри важдир — қисмати олдиндан маълум бўлган бахтсиз кишиларни дунёга келтиришнинг нима кераги бор? Бусиз ҳам бахти қаролар дунёда тўлиб ётибди. Бу ҳолда абортга рози бўлган аёлларни ким айблай олар экан?! Ким? Жамиятми? Тарихми? Ахлоқми? Генетик қўрқинч шаклида ўрнашиб қолган ёвузликнинг манбаларини жамият тарихидан қидирмоқ керак, ахлоқ эса воқеликнинг сурбетларча сиқуви қаршисида кўпинча дурустроқ самара бермайди.
Ва мана шу ўринда, ҳазратим, ўз мавқеимни аниқлаб олишни бурчим деб биламан. Мен католик динининг абортни таъқиқлашини жон-дилим билан ёқлаш баробаринда Кассандра тамғасини кўра-била туриб аборт қилдирган аёлларни қоралай олмаган бўлур эдим; бунинг устига бу ҳол кассандра-эмбрионларнинг ният-мақсадларига ҳам мос тушган бўлур эди.
Оқибатда биз ўта мураккаб зиддиятга дуч келаётирмиз. Бундай кескин ҳаракатлар (абортлар) дунёвий онгнинг асосий муаммоларини еча олмайди, аксинча, янада кучайтиради — пуштда охир замон хабарчиси бўлган сабаблар аниқланмай қолади.
Бўлажак она қуйидаги мусибатлар ҳақида ўйламаслиги мумкин эмас:
– очарчилик;
– хароба кулбалар;
– касалликлар, жумладан ОИТС (СПИД);
– урушлар;
– иқтисодий буҳронлар;
– ижтимоий қасирғалар;
– жинояткорлик;
– фоҳишабозлик;
– гиёҳвандлик ва наркомафия;
– элатлараро қирғинлар;
– ирқчилик;
– экологик, энергетик ҳалокатлар;
– ядро синовлари;
– қора туйнуклар
ва ҳоказо, ва ҳоказо.
Буларнинг ҳаммаси одамлар дастидан. Одамзоднинг бошига тушаётган мусибатлар авлоддан-авлодга ортиб бормоқда. Ва буларнинг ҳаммасида барчамиз иштирокчимиз. Мана, ниҳоят, Илоҳ бизни жаҳаннам лабида тўхтатиб, Кассандра тамғаси орқали ўзи ҳақида нишон бермоқда...
Мен яна такрор айтаман, менинг кассандра-эмбрионларнинг сигналларини аниқлаш борасида олиб борган космик тадқиқотларим кишиларнинг энди бундай яшаш мумкин эмаслигини, бундан буён авлодларнинг, наслнинг бузилиши бошланажагини англаб олишларига ёрдам беришни мақсад қилиб олган, холос.
ҳар қайси киши, ҳамма биргаликда, бутун бани башар бир бўлиб, фалокат ва иллатларга барҳам беришса, ҳаётнинг истиқболини янгилашлари мумкин. Бу хомхаёлликми? Яна хаёлпарастликми?! Йўқ, бу навбатдаги хаёлпарастлик эмас. Бу тирик жоннинг омон қолиш йўли, бошқача йўл йўқ...
Имоним комилки, кассандра-эмбрионлардан тезда халос бўлиш учун ўзларини четга олмайдиган, орқага чекинмайдиган, мардонавор кишилар топилади; бундай кишиларга тақдири азалдан хабар берувчи сигналлар кўп нарсалар тўғрисида: инчунин ҳамманинг ва ҳар бир кишининг ҳаёт тарзи учун, авлодлар тақдири учун масъулияти тўғрисида, одам боласининг ўз-ўзи билан мислсиз беллашажаги ҳақида гапириб беради. Бундай кишилар ҳаётнинг яхшиланишига эришадилар.
Мен бунга ишонаман.
Энди қисқача ўзим ҳақимда.
Мени ҳеч ким сочимни қирқиб роҳибликка қабул қилган эмас, мен шунчаки, бошқача айтганда, шартли самовий роҳибман ва исмимни ҳам шартли танлаб, ўзимни Филофей деб атаганман, қадимги Русда шундай исмли роҳиблар бўлишган. Фазовий ҳужрада дарвишона яшашни ўзим танлаганман. Бизнинг халқаро экипажимиз — америкалик, япон ва мен (яқин вақтгача совет олими ва космик лабораториянинг илмий раҳбари) ўз дастуримизни тугатиб, Ерга қайтишимиз керак эди, мен орбитал станцияни ташлаб, кўп марта фойдаланиладиган фазовий космик кемага ўтишдан бош тортдим. Мен бу ҳақда баёнот бердим ва мени тинч қўйишларини талаб қилдим. Ўткир устарани томоғимга қадаб, шерикларимни мени ўз ҳолимга қўйишга мажбур қилдим. Ва ўз сўзимни ўтказдим...
Мана бешинчи ой, бир юз ўттиз еттинчи кундирки, орбитада якка-ёлғиз яшаб тадқиқотлар олиб бормоқдаман, Станцияда қолдирилган озиқ-овқат заҳиралари менга бу ерда яна кўп вақт бўлишимга имкон беради. Ёмон айтмай яхши йўқ дегани рост бўлса керак. Совет империясининг парчаланишидан бутун дунё зил кетди, менга эса бу қўл келди. Космос учун хизмат қиладиган ердаги собиқ совет маҳкамалари бошлари гангиб, мени ва илгарилари «Восток–27» деб аталган орбитал станцияни унутиб қўйишди. Ҳали-вери эслашмаса ҳам керак, тахминимча, мен ҳақимда ўйлашга уларнинг вақтлари ҳам йўқ, эҳтимол, улар космосдаги мулкларни янги давлатларга бўлиб бериш каби беъмани тадбир билан ҳали узоқ вақтгача банд бўлишади, мен яшаб турган орбитал станцияни ҳам бўлиб олишга ҳаракат қилишлари мумкин, балки космоснинг ўзини ҳам тақсимлаб олишар... Лекин бу уларнинг иши. Менинг танлаган ишларим аниқ ва ўз бурчимни бажараяпман. Мен бутун инсониятнинг фикрини ўрганиб, кассандра-эмбрионларнинг сигналларини умримнинг охиригача аниқлаш билан шуғулланишга бел боғлаганман.
Ерда мени ҳеч ким кутмаяпти, чунки мен сўққабош, ташландиқман, болалар уйида тарбияланганман. Барча маълумотларга қараганда, гўдаклигимда онам мени қандайдир жиддий сабабларга кўра болалар уйи эшиги олдига ташлаб кетишга мажбур бўлган экан. Менинг ҳаётим қандай кечди, космосга кетишга мени нима мажбур қилди — бу ҳақда ҳозирча ҳеч нима демайман, бу алоҳида мавзу.
ҳазратим, мен Сизнинг нуроний сиймонгиз олдида яна бир марта бош эгаман. Айбга буюрмагайсиз. Сиз орқали одамларга мурожаат этар эканман, менинг бирдан-бир орзум — кишилар ҳақиқатни билишсин.
             Филофей, самовий роҳиб,
ҳаётда — Андрей Крильцов
Рим папасига орбитал компьютердан жўнатилган мактубга «Трибюн» газетасининг таҳририясига юборилган хат ҳам илова қилинган эди. «ҳурматли муҳаррир! Сиз билан келишганимиздек, мактубимни босиб чиқариш ҳуқуқини фақат «Трибюн» газетасига бераман.
Мен «Трибюн» газетаси ана шундай ишга журъат этиб ўзига ўта оғир масъулият олаётганини яхши тушунаман. Сизнинг жасоратингизга қойилман.
Таҳририя менинг мурожаатимга келган энг қизиқарли фикрларни жўнатиб турса, миннатдор бўлур эдим. Мен ерликларнинг фикрларини билиб туришим зарур.
Эҳтиром ила
 Филофей, самовий роҳиб,
 РХ орбитал станцияси». 


У ч и н ч и б о б

Унинг тушига яна китлар кирди. У океанда узоқ вақтгача китлар орасида сузиб юрди. У китларнинг тўлқинлар ювиб турган кўзларига боқар ва уларнинг фикрини ўқир эди. Унинг ўзи ҳам кит эди. Ва китлар самолётдан кўринган ҳолатни такрорлагандай ўткир бурчак ҳосил қилиб сузишар эди. Уларни қандайдир ғайритабиий куч уфқ сари, гўё ўша томонда нимадир кутаётгандай олға етаклаб борар эди. Уфқ узоқлашгандан узоқлашар, китлар эса қудратли таналари билан тўлқинларни ёриб ҳамон сузиб боришмоқда эди. Океан суви тобора исиб, тўлқинларнинг зарбидан тана қизиб бормоқда эди. Иссиқ тўлқинларда сузиш борган сари қийинлашиб, даҳшатли тус олмоқда эди. Океан чидаб бўлмайдиган даражада бирдан қайнаб кетганини кўрди ва тушунди. Океан устида бирдан икки қуёш пайдо бўлди. Чўғдай ёниб турган қизил-жигарранг иккита шар осмонда баҳайбат жуфт прожектор каби олов пуркамоқда эди. Шулардан қайси бири ҳақиқий, мангу қуёш эканини, қайси бири эса қаерлардандир дайдиб келган, эҳтимол, чинакам қуёш билан рақобат қилаётган келгинди қуёш эканини билиб олиш қийин эди. У ўтакаси ёрилгудай қўрқиб кетди. Ёнгинасида сузиб кетаётган китларга қараб қичқира бошлади: “Қаранглар, қаранглар, китлар, менинг биродарларим! Осмонга иккита қуёш чиқибди! Бирданига иккита қуёш-а! Эшитяпсанларми? Бу яхшилик аломати эмас! Океан қайнаб кетади, ва биз ҳаммамиз нобуд бўламиз! Иккита қуёш — даҳшат!..”
Роберт Борк қутирган океанда ўзини уёқдан бу ёққа ташлаётган китлар орасида яна анча вақтгача сузиб юрди ва кейин қора терга тушиб уйғониб кетди, унинг гурс-гурс ураётган юраги қулоғидаги томирда лўқиллар эди. Ўзига келгунча кўрганлари туш эканлигига ишонмади. Океан устида кўзни қамаштириб турган иккита қуёш худди ўнгида кўрингандай кўз олдидан кетмас эди. Унинг тушига китлар кўп кирган, лекин тепадан бирданига икки қуёш куйдириб нур сочиб турса — бунақаси бўлган эмас. Даҳшат, даҳшат!...
Худди шу онда у тушида иккинчи қуёш қаёқдан кел-ганини тушунди. Ялт этиб хаёлига келиб сесканди. Буни бирдан англаб олмаганига ажабланди қам. “Қаранг-а!” — мийиғида кулиб қўйди Футуролог ва кўзгу олдида турган соатга қаради. Эрталаб соат етти бўлиб қопти. Хотини қўшни хонада ҳали ухлаб ётган эди.
Борк эрталабки гимнастика қиладиган очиқ айвонга чиқди. Лекин бу сафар унинг мияси бошқа фикрлар билан банд эди. Дала ҳовлисидаги жамики нарсалар унга бошқача мазмун касб этгандай туюлди. Ҳатто ҳовуз олдида юлдузларнинг жойлашишига қараб япончасига қурилган тошлар боғи ҳам бугун бутунлай унутган эди. Ҳолбуки, Жесси тарқатган ярми ҳазил, ярми чин мишмишларга қараганда, жонсиз харсанг тошлар қучоғида Футуролог ҳар куни эрталаб сеҳргарликлар кўрсатар, қум устида қандайдир сирли белгилар чизар эди. Бугун ҳазил-мутойибаларга ўрин йўқ. Столда уйилиб қолган газета-журналларни кўздан кечириш, хилма-хил масалалар юзасидан турли кишиларга қўнғироқ қилиш — тезда вазиятни фаҳмлаб олиш вазифаси кўндаланг турар эди.
ҳамманинг дили-тилида кассандра-эмбрионлар. Роберт шундай бўлишига ҳеч шубҳаланмас эди. Унинг ўзи эса ўзини ўтмиш ёшлик йилларидагидек бардам сеза бошлади, ўша пайтларда замонавий цивилизация муаммолари юзасидан дорилфунунларда олағовур мунозаралар бўлиб турар, инсониятнинг истиқболини алломаларнинг оғзидан тушмай қолган “Рим клуби” моделидагидай ҳал қилиш мумкин, фақат эскиликка ёпишиб қолган мухолифларнинг фикри ўзгартирилса бас деб ўйлар эдилар. Кассандра тамғаси атрофидаги воқеалар Боркда ёшлик пайтларидагидек қандайдир катта қизиқиш уйғотди, уни таҳлика йўлини танлашга, ғоя йўлида очиқдан-очиқ тўқнашувларга тик боришга ундади.
Бу воқеалар Боркни аэропортдаёқ гирибонидан олди. Жесси уни эшик олдида оломон орасида қўлида қалин газетаси билан кутиб олди ва газетани силкитар экан, қандайдир ғалати жилмаяр, бирон айб қилиб қўйгандай ташвишли ва маъюс эди. Жесси тўсатдан ёққан шаррос ёмғирда қолган каби бир оз яшаргандай кўринди. У Боркдан тўққиз ёш кичик эди, лекин ўқтин-ўқтин бетоб бўлар, қон босимидан азоб чекар, ҳатто ҳолдан тойиб, ранги кетиб қолар эди, бу гал эса аэропортда эрининг кўзига у худди ёшлик йилларидаги каби ҳаяжонга тушгандай жўшқин бир ҳолатда кўринди. Ўша пайтларда у хотинининг буюк навозандалардан бўлишига қанчалар тўсқинлик қилган эди! Ахир у ажабтовур виолончелист эди-ку! Унга канадай ёпишиб олган: жиннисанғи ўша Борк бўлмаганда эди, эҳтимол, Жесси театр оркестри билангина чекланиб қолмаган бўлур эди. Лекин ҳар кимнинг тақдири азали ўзида.
Жессининг аэропортда айланма эшиклар олдидаги тиқилинчда айтган сўзлари жумласида қуйидаги жиддий ибора эрини қарши олишдан мамнунлигини ҳам ифода этар эди.
– Билмайман, Роберт, нима бало, сен сафарга отланиш олдидан ўзингнинг бемаъни тошларинг орасида қандайдир сеҳрли белгилар чизганмидинг, бўлмаса юз берган бу воқеаларни қандай изоҳлаш мумкин? Буни изоҳлаб бўлмайди, Роберт, ҳеч ҳам... Тушунтириб ҳам бўлмайди. Бу мислсиз бир ҳол. Ишон менга, бундан бутун дунё ларзага келади!
– Демак, менинг миххатларим нимагадир арзир экан-да?! — деб жавоб қайтарди унинг сўзларига яраша Футуролог.
– Лекин умуман олганда, етишдинг, менинг азиз Футурологим, сеҳргарликда етишдинг... Мана эни буёғини билиб олавер.
Йўлда машинани Жесси бошқарди. Борк газетани очди, лекин у ёқ-бу ёғини кўздан кечирди-да газетани йиғиштириб қўйди.
– Йўқ, буни уйда бемалол ўтириб диққат билан ўқиб чиқиш керак, — деб кўзойнагини ғилофига солиб қўйди Борк.
– Сен нима деб ўйлаб эдинг?! — деди Жесси. — Космосдан эмас, бирон кимса ердан туриб шундай башорат қилганда борми, уни оломон қилиб ўлдириб юборишган бўлур эди. Тасаввур қиласанми: эмбрион, зиғирдай пушт салкам фикр юритар эмиш! Ниманидир фараз қилар экан! Ва туғилишни хоҳламайман деб жар солар экан. Бу жиддий гап эмиш. Шундай бўлиши мумкинми?!
– Унчалик бўлмаса керак, — деди ҳайрат билан елка қисиб Борк. Унга аёли ўйламасдан гапиргандай туюлди, лекин бунақаси кам бўлган, негадир бу сафар хотинининг ноҳақ бўлишини хоҳлади. — Эҳтимол, мавжуд эмбрион рефлексияси назарда тутилаётгандир. Лекин нима бўлганда ҳам мулоҳаза қилиш учун баҳона бор. Зора осий дунёмизни идрок этишнинг, ҳисоб-китоб қилишнинг ҳалол йўли топилса... Биласанми, ҳозир бирдан шу ҳақда ўйлаб кетдим. Бунақаси чиндан ҳам фақат эмбрион босқичидагина бўлиши мумкин. Шунда ҳам фантастик тасаввурларда. Тўғрисини айтганда, бир нарса дейиш қийин. Ҳозир буни қўйиб турайлик, аввал уйга борайлик, ўқиб кўрай, шундан сўнг масала жиддий бўлса, гаплашармиз... Биласанми, гапираверсам роса куласан.
Футуролог хотинига немисларнинг синчковлиги ва ўтакетган расмиятчилиги ҳақида, шу билан бирга европаликларнинг ички эркинлиги тўғрисида, бу эса уларнинг америкаликлар билан эллашиб кетишига имкон берганлиги ҳақида жўшиб гапира кетди. У бир кун эрталаб Рейн дарёсининг соҳилида Дюссельдорф шаҳрида велосипедга миниб олиб овозининг борича машҳур бир арияни ижро этиб кетаётган кишини кўриб қолди; велосипеддаги одам оқ кўйлак, лак туфли кийиб, галстук тақиб олган, бошига шляпа кийганми, йўқми, барибир худди опера саҳнасидан чиққанга ўхшайди. Дарё бўйида унинг ашуласига қулоқ осадиган биронта жон йўқ. Лекин велосипедда учиб кетаётган ашулачининг ҳеч ким билан иши йўқ. Унинг ўзи хон, кўланкаси майдон; тўлиб-тошиб оқаётган Рейндан тортиб дарё узра эрталабдан сузиб кетаётган юк кемалари-ю пароходлар барча-барчаси гўё унинг ўзиникидай... Ёз қуёши эндигина кўтарилиб келаётир. Бу манзара шу қадар ажиб ва улуғвор эдики, Борк ўша тентаквой ашулачи кетидан қувиб кетгудай бўлди. Дунёдаги бор эркинлик, бахт уники эди. Қани эди, Борк чексиз соҳил бўйлаб хиргойи қилиб учиб кетаётган хонандани қарши олиш учун Рейнга калла ташлаб, суза кетса-ю, унга қўл силкитса, сувдан бошини чиқариб бирон бир ширин сўз ила унинг кўнглини олса, ёнма-ён бирга чопиб, дунёнинг жамики ташвишларини унутса.
Улар катта йўлда ғизиллаб кетаётиб ўша ғалати ҳофизни эслаб роса кулишди.
Борк яна ўз уйига, ўлан тўшагига, ишхонаси, ёзув столига қайтиш иштиёқида ёнар экан, “Энди уйга, уйга. Ишлаш керак, ишлаш!” деб қўяр эди ўз-ўзига. Бу ҳақда ўйлар экан, одатдагидай вужудида икки хил туйғу жўш урар эди — Ҳар гал сафардан қайтиб келганда бўлгани каби аэропортда — Жесси билан учрашганда қандайдир ўкинч, ҳафта давомида уйда бўлмаганлиги, қўлдан бой берилган кунлар учун ачиниш ҳисси унинг дилини тирнар эди. Инсон ўз умрида қанча кунларни беҳуда ўтказганлигини, бу кунларнинг қадр-қийматини жуда кеч тушунади.
Бу сафар одатдаги кайфиятга яна бир ҳис — самолётда эканлигидаёқ эшитилган хабарнинг акс садоси қўшилгандай бўлди. Бундай ахборотлар одатда, ҳаммани ҳайратда қолдирадиган сенсация бўлиб аланга олади-да тезда сўниб қолади. Лекин Борк бу сафар қулоғига чалинган воқеа ҳақида ўйлаган сари рўй берган ҳодисага ўзини дахлдордай, дахлдор бўлганда ҳам энди ундан бош торта олмайдиган, ўзига ҳеч алоқаси бўлмаган можарони миясидан тамомила чиқариб ташлай олмайдиган даражада дахлдордай сезиб, ўзи ўзидан тобора кўпроқ ҳайратланарди. Агар тасодифан у судхонага келиб қолганда кутилмаганда бирдан ҳукм чиқаришиб, судланувчигина эмас, балки шу пайтда ишни эшитиш учун келган барча кишилар суд процессида иштирок этганликлари учунгина айбдор деб топилса қандай бўларди? Бу ҳукмномани ўқиб эшиттирилганлиги учунгина бекор қилиб бўлмаса-я!
Космосдан келган янгиликдан чиндан ҳам ғалати, кутилмаган ва тушунтириб бўлмайдиган вазият вужудга келди. Рулда ўтирган Жесси ҳам бу янгилик оғушида ғарқдай кўринади. Буни Борк хотинининг чеҳрасидан, кўзларидан билиб олди. Табиат Жессига чақноқ нигоҳ ато қилган — кўз илғамас даражада товланиб турадиган бу нигоҳ Роберт Борк учун бутун бир олам деса арзигулик. Улар биринчи бор хайрия концертида танишишган эди — ўшанда Борк уни ёш мусиқачилар орасида, Жесси эса Боркни саҳна яқинида, томошабинлар ўртасида кўрган эди; шундан сўнг улар бот-бот учрашиб туришди; ўша биринчи кундан бошлаб, унинг кўзидан “ҳаётнинг иссиқ-совуқларини” ўқиб олишни ўрганди, унинг бутун борлиғини билиб олди ва Жесси ҳам эрининг бутун феъл-атворини ўрганди. Бир-бирларини бир сўздан, бир қарашдан тушуна олишлари уларнинг иноқ ва бахтли оилавий ҳаёт қуришларига замин яратди.
У ўз табиатига хос бўлмаган тарзда ўйга толиб жимиб қолган зийрак хотинини олди-қочди гаплар билан алаҳситмасликка ҳаракат қилди. Жессининг ташвишланиши учун дурустроқ асос ҳам йўқ эди. Уларнинг турмуш пойдеворлари ўта мустаҳкам эди, олдиндан айтиб бўлмайдиган бирдан-бир нарса шу эдики, Худонинг қанча умр ато қилганини ҳеч ким билмас эди. Ҳозирча улар ўзларининг ижодий режаларини вақт ва соғлик имкон берган қадар амалга оширишга ҳаракат қилишмоқда эдилар. Борк шу нарсани тушунар эдики, ҳозир Жессининг авзойи бузуқ экан, демак, у самовий роҳиб Филофейнинг ҳалиги хатидан ғалати аҳволга тушиб қолган эди.
“Уйда гаплашиб олармиз, — деб ўйлади Роберт Борк. — Эҳтимол, ҳозир йўлдаёқ дорилфунундаги дўстлардан биронтасига қўнғироқ қилиб, гаплашган маъқулмиди? — У телефон дастасини кўтармоқчи бўлди-ю, яна ўйланиб қолди.
– ҳозир эмас, олдин ўша самовий фолбиннинг мактубини диққат билан ўқиб кўрай-чи, ундан кейин...”
– Радиони қўяйми? – Эрининг фикрини ўқигандай сўради Жесси.
– Керак эмас... Радиодаги валдирашларнинг менга нима кераги бор? Сен ёнимдасан, шунинг ўзи етади.
– Бу гапингга жон деб ишонаман, жуда ишонаман, — деди Жесси босиқ истеҳзо билан, яна бир машинани қувиб ўтар экан.
– Агар ўша ердан туриб айтганлари чиндан ҳам бор нарса бўлса, унда ҳеч ким четда қолмайди, албатта, — деб юқорига қаради Борк.
– Наҳотки, сен шу нарсанинг ҳақиқатда ҳам бўлиши мумкинлигига ишонсанг?
– Билмайман. Борди-ю бу тўғри бўлса, ҳамманинг эътиборини тортиши турган гап.
– Тилингга тирсак, Футуролог! — ростакамига ташвишланиб жавоб берди Жесси. – Оломон қўзғалдими, ундан қўрққулик.
— Одамлар ўзларини ҳалокатга йўлиққандай ҳис қилишса борми, айтиб қўяй, генетика биологиянинг сирли соҳасидан сиёсатга айланиб кетиши ҳеч гап эмас.
– Бу энди қуюшқонга сиғмайдиган гаплар, Роберт, — кучайиб бораётган кўнгил ваҳимасини сал босиб қўйишга уриниб, деди Жесси. — Яна ҳам ким билади, — деди у энди ўйчан бир қиёфада. — Артур билан Елизабет менинг жўнаб кетишим олдидан Шнаера аэропортига телефон қилишди. Улар ҳам хавотир олишаяпти. Бизнинг Жон Кошут Атлантадан қўнғироқ қилди, спектакль қўйяпти экан. У бирдан эсига келиб айтдики, инсоният тарихининг тугаши тўғрисида Фукуяма назариясига бағишланган мунозарада сен одамзодни янги бир фожиа, янги бир кўргилик кутяпти деган эмишсан. Мана буёғини эшит, сенинг совуқнафас Футурологинг қағиллаб, башорат қилибдики, тилла топган тентакдай, дунёдаги жамиийки ёвузликлар орасидан қидириб, жаҳон уруши ўрнига одамнинг қалбидаги урушни — туғилсаммикин, туғилмасаммикин деган муаммони танлаб опти. Футурологинг жимиб турганда бунчалик бўлмасмиди. У бўлса, ўйламай-нетмай дарвозани ланг очиб қўйди, мана оқибати, деди. Мен: буниси нимаси, деб сўрасам у “бу шунақаси” дейди. Ўшанисининг оти ҳам йўқ экан.
– Ҳа, биламан, биламан, Кошутни, — деди Борк истеҳзо билан, елкасини қисиб. — Ҳамма вақт ҳазил-ҳузул қилиб кулиб юради, ўзи бўлса театрда Шекспир, Эсхил ва бошқаларнинг асарларидан трагедиялар қўйиб дунёсини нақ ағдар-тўнтар қилади. Мен бўлсам деворга чиқиб олиб қағиллаётган қарға эмишман. Раҳмат бунисига, “дўстингдан топ” дегани шу-да.
– Э, уни қўявер, қандайдир ғалати ўзи. Эсингдами, бир кун бундай деса бўладими: сенга ҳавасим келади, Роберт, хотининг ҳам жононмисан жонон, сочларинг эса ҳали қуюқ. “Меники-чи” деб эди у. Сен эса унга “Хотинимни тортиб олишинг мумкин, лекин сочимни, оқ бўлса ҳам ҳурпайган сочимни ҳечам ололмайсан” дегансан. Ўшанда у кўзига ёш олган, кулганини ҳам, йиғлаганини ҳам билмайсан, нақ артист-а!
Борк унинг сўзларини маъқуллагандай бошини ўйчан чайқаб қўйди. У уйига дилини безовта қиладиган қандайдир оғир ташвиш билан қайтиб келаётган эди.
– Боб, сен чиндан ҳам океандаги китларни кўрдингми? — деди Жесси унинг фикрини чалғитиб.
– Кўрганда қандай?! Шунинг учун ҳам сенга қўнғироқ қилгандим-да, — қайтадан жонланиб тилга кирди у. — Тасаввур қилоласанми? Бу манзарани сўз билан ифодалаб бўлмайди. Кўз олдингга келтир: океанда баҳайбат ҳайвонлар кемаларга ўхшаб сузиб кетаётир, сузганда ҳам китлар галаси осмонда учиб кетаётган қатор турналарга ўхшаб ўткир учбурчак ҳосил қилиб сузиб бораётир. Кўз узиб бўлмайдиган манзара. Ўшанда ёнимда бўлсанг эди. Яхшиямки, телефонда гаплаша олдим. — Борк жим бўлиб қолди, сўнгра қизишиб кетиб, сўзини давом эттирди: — Сенга қандай тушунтирсам экан, биласанми, ҳозир ўйласам, бу ҳечам тасодифий бир ҳол эмас экан. Мана, қулоқ сол. Франкфуртда бу сафар таниш-билишлардан ташқари Австралиядан, Мельбурн дорилфунунидан келган бир олим иштирок этган эди. Ҳар ҳолда австралияликлар бизлардан нима биландир фарқ қилишади, сабабини тушунмайман, эҳтимол, тупканнинг тубида бўлишгани учундир. Балки унинг ўзи табиатан шундайдир. Уни мен ўзимча дельфиншунос деб атадим, чунки дельфинлар билан жуда қизиқар экан. У тийрак, рисоладагидай, синчков, ўзи гапга чечан одам экан. Ўшанда гап тасодифан дельфиндан бошланиб китларга бориб тақалди. Китлар ҳақидаги узоқ суҳбатдан сўнг биз дўстлашиб қолдик. Эҳтимол бу сенга кулгили туюлар. Ана шу суҳбатда мен ўзим учун жумбоқ бўлиб келаётган бир масалани — китларнинг гала-гала бўлиб ўзларини ўлдириш ҳодисасини тушуниб олгандай бўлдим. Ахир буни фан ҳали-ҳамон тушунтириб беролмайди-ку!
– Сен китларнинг қирғоққа отилишини назарда тутяпсанми?
– ҳа, худди ўшани. Соппа-соғ, ақли-ҳуши ҳам жойида бўлган китларнинг у йўқ — бу йўқ, келишиб олишгандай тўсатдан кечаси қирғоққа яқин сузиб келиб, сув тўпиқдан келадиган саёзликка бўғилиб ўлиш учун сакрашади. Улар ўша ерда океанга қайтиб кетишга уринмасдан ҳалок бўлади. Китлар нима учун, қандай сабабларга кўра шундай қилишади?
– Ҳай, тўхта, — деб унинг сўзини бўлди Жесси чеҳраси очилиб. — Бу ҳақда газеталарда қанча марта ёзишди. Хўш, сенинг ўша австралиялик дўстинг бунинг сабабини билармикин?
– Ҳамма гап шунда-да. Биз у билан қандай фикрга келдик дегин. Бу ҳодиса турнинг ўз жонини сақлаш биологик қонунига зиддир. Бошқача айтганда, табиатга зиддир. Ҳайвонот оламида бунақаси йўқ.
– Лекин одамлар орасида хоҳлаганингча бор.
– Бу бутунлай бошқа нарса. Ҳа, тамомила бошқа нарса. Гап бу ҳақда кетмаётир. Бу ерда бутунлай бошқа бир манзара, Жесси.
Роберт Борк жим қолди, ўрмонлар орасидан тепаликка кўтарилиб борадиган кенг автомобиль йўлига назар ташлаб, йўл ёқасидаги белгилар ва таниш манзарани завқ билан томоша қилиб кетар эди. Бир зум у ўзини жуда бахтли сезди – йўлда машинани Жесси ҳайдаб борар экан у ўзича китларнинг улкан бир сирини хотинига айтиб беришини, буни эшитиб Жессининг лол қолишини, сўнгра иккаласи бу кашфиётга мафтун бўлиб, мавзуга такрор-такрор қайтиб, уни атрофлича муҳокама қилишларини кўз олдига келтирди.
Шунинг ўзи бахт эмасми? Бахт дегани дилларнинг уйғунлашиб кетиши деган сўз. Уйга етиб келгач, айвонда хотини билан суҳбат қуради, Жесси қўйган мусиқани мириқиб эшитади (Жесси классик халқ мусиқаси деса жонини беради) ва ўзи хуш кўрган оқ виносидан хўплаб ўтиради... Шу он бирдан самовий роҳиб эсига тушиб қолди унинг, у бугун кайф-сафога ўрин йўқ эканини тушунди.
– Нега жимиб қолдинг, гапир. Боб. Фақат мени гапиртириб қўймоқчимисан?
– Йўғ-е. Фикримни жамлаяпман. Сен ўша австралиялик Киффер китларнинг ўзини ўзи ўлдириши сабабларини билармикин деб сўрадинг. Сенга нима десам экан? У бошқаларнинг етти ухлаб тушига кирмаган фикрни айтмоқда. Бу қандайдир мантиқан тўғри фикргина эмас, мен уни алоҳида ахлоқий-фалсафий мушоҳада деган бўлар эдим. Ҳа, ҳа, шундай. Кулма ҳам, ажабланма ҳам. Бу ҳақ гап. Австралиялик олим дунёвий аҳамиятга эга фикрини ўртага ташламоқда. Билсанг керак, барча сут эмизувчилар орасида китлар билан дельфинлар ақлий жиҳатдан энг ривожланган мавжудотлардир. Афсуски, улар гапира олмайди, бу эса ҳозирча бизлар билан улар ўртасида енгиб бўлмайдиган ғов бўлиб турипти.
– Э худо, сен маъруза қилишга одатланиб қолибсан, Роберт. Мен тушунолмаяпман — қандай ахлоқий-фалсафий мушоҳада ҳақида гапиряпсан?
– Ана шу ғалати ҳодисанинг табиатини бирорта олим тушунтириб бера олмади. Киффер бўлса менинг кўз ўнгимда бирдан дунёвий аҳамият касб этадиган фикрни ўртага ташлади.
– Унинг гипотезасининг моҳияти нимада экан?
– У ҳаммани ҳанг-манг қолдирадиган хулосага келибди. У китларнинг гала-гала бўлиб ўзини ўзи ўлдиришида дунёвий ақлнинг ердаги ҳодисаларга акс садосини кўрмоқда.
– Бу ғирт хаёлпарастлик-ку, Роберт!
– Бундай дема, асло бундай дея кўрма, азизам. Мен бу гипотезанинг мафтуни бўлиб қолдим. Инсон онгнинг мутлақ ҳокимидир, демакки дунё олдида бурчдордир, агар биз такомиллаша олмас эканмиз, биз ўн саккиз минг оламни ўргана олмас эканмиз (биздан талаб қилинадиган нарса ҳам шу, дунёда биз ана шунинг учун яшаймиз), демак, биз ўз бурчини оқлай олмайдиган текинхўрлармиз, ҳемирилик махлуқлармиз. Лекин мени кечир, бир оз чалғиб кетдим. Мен фақат шуни айтмоқчи эдимки, бизга, одам боласига қанча ҳуқуқ берилган бўлса, биз шунча бурчдормиз. Биринчи галдаги бурчларимиз: турмушни, ҳаётни уйғунлаштириш, такомиллаштириш, бизнинг барча орзу-ниятларимиз, амалиётимиз шу жумлага киради. Ҳаётнинг уйғунлашиши! Бироқ бу соҳада қанча буюк ва айни вақтда бўлмағур фикрлар туғилади, ўзларимизда деярли ҳар қадамда қанчадан-қанча ҳасадгўйлик, ичиқоралик, разиллик юз кўрсатади, ахир уйғунлик дегани ўз нафсини тийиш, маънавий ахлоқсизликка қарши кураш демакдир. Ва бу ўринда ўз-ўзидан бир савол туғилади — виждон деганининг ўзи нима, барча замонларда ҳар бир киши виждонни ўзи хоҳлагандай айёрлик билан, ўзига мослаб, билганича изоҳлаб келди, ўзи ҳолича табиат олдида, тарих олдида, дунёнинг келажаги олдида, ниҳоят, бизни яратган ва биз ўзимиз ўйлаб топаётган Худо олдида моҳияти нимададир?
– Роберт, — деди хотини тоқати тоқ бўлиб, — Агар ўрта асрларда яшаганингда эди чиндан ҳам сендан оташин нотиқ чиққан бўлур эди. Шу билан баробар шаккоклигинг учун сени инквизаторлар жон деб гулханга ташлаган бўлар эди. Худони ўйлаб топиб, яратиб бўладими?
– Ҳа, нима демоқчи эканлигингни энди тушундим. Жесси, сен ҳам жуда ақидапараст бўлиб кетяпсан. Бай, бай, бай. Барибир мени ёндира олишмаган бўларди. Сўз билан ҳаммасини, ҳаммасини қилса бўлади. Ҳа, ҳа. Шунинг учун ҳам сўз нозил қилинган. Нимаики хаёлимизга келса, бошимизга тушса, барини сўз билан изҳор қиламиз. Инсон қўли билан нимаики яратилибди, бари сўзнинг амалга жорий қилинишидир. Кўприк дарё устига қурилмасдан олдин сўз эди. Ундан ҳам муҳими, сўз — абадийликнинг ўзимиздаги имкониятидир. Биз ўламиз, лекин сўз қолади. Шунинг учун ҳам у — Худо. Биз ана шу сўзда изтироб ила югуриб еламиз, сўзларда — баъзан қанот боғлаб абадийликка учамиз, баъзида сўз бизни хачир каби етаклаб олиши муқаррардир. Лекин мен бошқа нарса ҳақида гапиряпман. Ҳаётнинг бутунлай қарама-қарши моҳияти ҳақида — дастлаб сўз бўлмаганлиги тўғрисида гапираётирман. Бу эса — бутун бошли табиатдир. Мисол учун ўша китларни олайлик. Шу маънода улар фожеали махлуқлардир. Гапира олмагани учун, китларга ноёб интуиция — ички шуур, фақат шу жониворларга хос тафаккур ва руҳ, ўзига хос энергоинформацион (энергия ҳамда информация чиқариб турадиган) биомайдон ато қилинган. Китларнинг укалари бўлмиш дельфинларга қараб ҳам шундай хулоса чиқарса бўлади.
– Шундай бўлса ҳам, Роберт, сен ўзингга нималарни кашф қилдинг?
Роберт Борк ўзи учун ўта муҳим бўлган масала юзасидан оғиз очишдан олдин ўйланиб индамай қолди. У ҳар сафар аэропортга кетаётганда ёки аэропортдан келаётганда нима учундир уйда кам гапириладиган нарсалар тўғрисида сўз юритиш истаги пайдо бўлишини пайқади.
– Биласанми, — давом этди у, — Киффернинг гапига қараганда (мен буни асоссиз дея олмайман) китлар — очиқ океанлардаги радарлардир, улар коинотдан келадиган сигналларни сезишади, эҳтимол, вулқонларнинг отилиши яқинлашганини худди ўша китлар биринчи бўлиб сезиб олишади ва ернинг ички энергиясининг сиқувидан сассиз ўкиришади, лекин улар учун, ҳар қандай кемалар ҳам бас кела олмайдиган даҳшатли пўртана ва тўфонларга метиндек бардошли бу жониворлар учун энг даҳшатлиси инсон ақли етмайдиган, пайқамайдиган ҳолат, яъни носоғ ижтимоий муҳитнинг, одамлар қилган ёвузликларнинг сигналлари таъсирида дунёвий руҳ мувозанатининг бузилиши бўлса керак. Афтидан китлар учун энг даҳшатлиси, ана шу, Альп тоғларидан эсадиган шамол (мен нимани назарда тутаётганимни пайқаган бўлсанг керак, бу ҳақда қанча-қанча адабиётлар бор) тоғ одамларининг тинка-мадорини мудом қуритиб турадиган бўрон бўлгани каби, девкор махлуқлар учун энг машаққатлиси ана шу ёвузликлардир. Ахир вулқон қанча қўрқинчли бўлмасин, у лавани отиб чиқаради-да сўнгра тиниб-сўниб қолади. Одамларнинг ёвузлик шамоллари эса тиним билмайди. Гап мана шунда. Ҳаёт шундай қурилганки, эзгулик ҳар доим танқис, ёвузлик эса мўл-кўл, ошиб-тошиб ётибди. Тасаввур қил, ерда одамзот тўхтатиб қолишга ожизлик қиладиган даҳшатли бир ҳодиса рўй берса, бир-бирларимизни ўлдириб, қийноққа солиб, оёқости қилиб, сурбетларча алдаб, шу ҳодисани келтириб чиқарган бўламиз (биз бунга ўзимизнинг қилмиш-қидирмишларимиз сабаб бўлди деб ҳам қўямиз), китлар чорасизликдан нажот истаб бизга келади. Чунки дунёвий ақлнинг барбод бўлиш, йўқолиш, демак, барҳам топиш хавфи туғилаётир. Бундан ҳар қандай тилсиз махлуқот замоннинг охир бўлишини сезади. Тирик мавжудотлар ички сезим билан ана шундан қўрқади. Нима учун каламушлар чўкиб бораётган кемани ташлаб қочади, деб ўйлайсан. Худди ана шунинг учун. Гапириш, сўзлаш бахтидан маҳрум бўлган китлар бизларнинг дастимиздан нақадар азоб чекаётганини изҳор эта олмайди, бу ҳолат уларнинг вужудини сиқади, эзади, бўғади, кейин улар қандай қилиб бўлса ҳам ичини бўшатиш йўлини қилади. Бунинг нақадар азобли, машаққатли эканини тасаввур қил. Эсингдами, кимдир айтиб берган эди. Кўчада бир гунг қизни кўриб қопти. Унинг онасини аблаҳ отаси ўлдириб қўйган экан. Шўрлик қиз эса воқеани одамларга тушунтириб бераолмаганидан уёқ-бу ёққа чопиб, ўзини трамвай тагига ташламоқчи бўпти. Афтидан, китлар ҳам худди шу аҳволга тушади. Лекин бу ҳолат бошқача миқёсда, дунё миқёсида рўй бермоқда. Китлар, афтидан, ловуллаб аланга олган ўрмон ёнғинлари учун океанда туриб безовта бўлади, тоғ кўчкилари рўй берса, музликлар ҳаракатга келиб ўз йўлидаги ҳамма нарсани яксон қилиб кетса изтироб чекади, лекин инсон хулқидаги нопокликларга, шафқатсиз ва даҳшатли ёвузликларга чидай олмайди, биласанми, дунёвий ақл эгаси бўлган одамда ҳалокатга олиб келадиган эҳтиросларнинг жунбушга келишига бардош бера олмайди. Бизга дунёвий ақл, субстрат, тўғрироғи, абадийлик шаҳодати ишониб топширилганлиги ҳақида ўйлаймизми? Шубҳам бор. Қаердадир бизнинг орамизда, муҳитимизда ўпирилиш, емирилиш, ахлоқий бузилиш рўй беради, ёвузлик ва қўрқинчнинг кўринмас радиацияси ўша ўпирилган муҳитдан дунё бўйлаб тарқалади, дунёвий адолат бузилади, ўйлайманки, шундай адолат бор нарса, ҳаётнинг уйғунлиги издан чиқади, шундан кейин китлар бардош бера олмайди ва жунбушга киради, сузиб келиб ўзини қирғоққа отади, ўзини ўзи ҳалок қилади. Тасаввур қил, Атлантика устида учиб кетаяпман ва бирдан бурилиб учган самолётнинг қаноти тагида океанда бир тўп кит кўринди. Мен тўлқинлар орасида китларнинг турналар парвозини эслатадиган шаклда учбурчак ҳосил қилиб сузиб кетаётганини кўрдим-у ҳанг-манг бўлиб нафасим ичимга тушиб кетди, кейин улар қаёққа ошиқаяпти, уларни қандай куч қаерга ва нима учун ҳайдаб кетаяпти деб ўйлаб қолдим.
– Самолётдан менга телефон қилиб қолганинг боисини энди билдим. Мен бўлсам тушунмай, қандай китлар ҳақида гапиряпти, нима бўляпти ўзи деб юрибман. Шундай манзаранинг гувоҳи бўлганингдан кейин телефон қиласан-да, албатта.
– Мен бу манзаранинг гувоҳи бўлибгина қолганим йўқ.
– Ҳай-ҳай, секинроқ, — деди хотини илтифот билан. — Менинг қимматли футуролог дўстим! — у эрига енгил истеҳзо билан қараб қўйди.
– Шундай қилиш сенинг табиатингга хос нарса. Лекин буниси қизиқ бўлди, ҳатто жуда қизиқ. Менга қара, бу ростдан ҳам норозиликнинг ўзига хос бир шакли бўлса-чи? Вой эсим қурсин, Роберт, бензин олишимиз керак-ку, қара — бензинимиз тугаяпти. Китлар ҳақида баҳс қилиб, елдек учиб кетаверибмиз-у...
Улар бензоколонкага бурилишди-ю, ҳамма нарса — самовий роҳиб ҳам, китлар ҳам, барча мавҳум фикрлар бир зумда унут бўлди. Шундан сўнг шаҳар четидаги кўча бўйлаб кетишди, энди уйлари жуда яқин қолган эди.
Борк бирдан ўзининг чарчаганини ҳис қилиб деди:
– Жесси, бугун телефон қўнғироқларига жавоб бермаймиз. Автоматга қўйиб қўй, ёзилиб қолади. Чарчадим. Йўл азоби гўр азоби...
– Фақат бир марта қўнғироқ бўлиши мумкин. Бугун кечқурун Оливер Ордок телефон қилади. Унга сени бугун учиб келади деб айтгандим. У сенга, ҳатто Европага телефон қилмоқчи бўлувди.
– Оливер Ордок-а?
– Ҳа, ўша. У президентликка ўз номзодини қўйган. Бундан хабаринг борми?
– Борликка бор. Ҳозир номзодларнинг ҳаммаси биринчи қурдан ўтишаётир. Лекин ундан қочиб қутулиб бўлмайди. У тутганини кесадиган одам. Масаланинг моҳиятига етмагунча телефон қилаверади.
– Кечирасан, Боб. Мен йўқ дея олмадим.
– Майли, қўнғироқ қилаверсин. Э, худойим-эй, Оливер Ордок билан талай вақтдан буён телефонда гаплашган эмасмиз. Эсингдами, у вице-губернатор эди. Шу штатда фан, таълим ишлари ва аҳолининг иш билан бандлиги масаласи бўйича шуғулланар эди. Бизда халқаро илмий конференциялар ташкил этишга ёрдам берган, эсингда бўлса. Горбачев қайта қуришининг биринчи йилларида биргаликда Москвага борганмиз. Ўшанда у ерга бутун дунёдан сиёсатшунослар, футурологлар тўпланган эди. Ордок сиёсатшунос ҳамда штат маъмуриятининг вакили сифатида иштирок этган. Ҳа, қайта қуриш, қайта қуриш! Биз ҳаммамиз Шарқда ҳам, Ғарбда ҳам сесканиб тушгандай бўлдик, нимасини айтасан! Романтикага тўла пайтлар. У мендан ёшроқ, лекин ҳозир уям анчага кириб қолди.
– Эллик олтида, — эслатди Жесси. — Газеталарда шундай деб ёзишмоқда: эллик олти ёшли Оливер Ордок. Уни қара-я! Мен ҳам тахминан шу ёшларда бўлса керак деб ўйловдим. Бундан чиқди, Оливер Ордок юрак ютибди-да, тақдирини синаб кўрмоқчи бўпти-да. Олий ҳокимиятнинг сеҳрига қаранг. Бирдан иши ўнгидан келиб қолса-я? Сайлов компанияси очиқ денгиздай гап, тўлқин туриб қолса, қарабсанки, қирғоққа отиб ташлайди. Жамоатни оғзингга қарата олсанг, бас. Сезгирлик, устомонлик керак. Бу жиҳатдан Ордок ўзини сувда сузган балиқдай ҳис қилади. Фикри унчалик теран бўлмаса ҳам, айни вақтда аҳмоқ ҳам эмас.
– Ҳа, ўша дамлар эсимда. Яхши хотирлайман. Ўшанда Москвада бўлганимизда, саксон олтинчи йил эди, сен Кремлда, саройдай эски, катта залда форумда сўзга чиққан эдинг, форумни Горбачевнинг ўзи бошқарган эди. Ордок ҳам биз билан бирга эди. Эсингда-ми? Ўшанда бинойидай, ҳатто яхшигина маъруза қилганди.
– Бинойидай. Бинойидай бўлганда қандай. У ғайрат-шижоат билан завқ-шавққа тўлиб сўзлаган. У ҳар доим фурсатдан тўғри фойдалана билади. Гарчи такрор айтаман, билими бўлмаса ҳам. Эҳтимол, бундай ҳолларда теран билимнинг ўзи керак эмасдир. Омманинг онгига таъсир эта олиш учун, аввало, номзоднинг дастури долзарб бўлмоғи лозим. Ундан ташқари, кишининг нуктадонлиги катта роль ўйнайди.
– Ҳой, Роберт, етар, боя китлар тўғрисида вайсаб эдик, энди бўлса Оливер Ордокка ёпишиб олдик. Бизнинг бошқа ташвишларимиз йўқми? Кўп ўтмай уйга етиб келамиз. “Ордок, Ордок” деб валдирайверамизми?
– Ҳозирги популизмнинг моҳияти ҳам ана шунда-да, Жесси. Бир шахс деб ҳамма телба бўлиб қолади, ўша шахс ҳам ҳамма учун телба бўлиб қолгандай. Биз Америкада бундан мустасно эмасмиз.
– Албатта. Фақат нима учун у бирдан шошилинч суратда сенга – Европага қўнғироқ қилмоқчи бўпти? Боиси не экан?
– Бу ерда фол очиб ўтиришга ҳожат йўқ. Ўйлайманки, ўша самовий роҳиб ҳозирнинг ўзидаёқ кўпларнинг бошини оғритди, бирваракайига довдиратиб қўйди. Сабаби худди ана шунда деб ўйлайман. Янаям худо билади.
– Бунга сенинг нима дахлинг бор! Космик феномен юзасидан Ордокка сен ҳам телефон қилишинг мумкин эди, Боб. Салом, мўйсафид, Рим папасига космосдан келган мактуб ҳақида нима дея оласан дейишинг мумкин эди. Эсингдами, Москвада ўрислар бундай ҳолларда “масалани нима билан ҳазм қилиш мумкин” дейишади. Сен ҳам “бу сенсацияни нима билан истеъмол қилса бўлади, азизим Ордок”, десанг бўларди. Нега шундай деб бўлмас экан?
– Тўғри айтасан. Ҳозирнинг ўзидаёқ кўплар сенга қўнғироқ қилишди дегандинг. Нима учун одамлар космосдаги савдойининг қилиқларини мени изоҳлаб беради деб ўйлашади. Бунинг сабабини тезроқ билиб олишим керак. Бу шунчаки сафсата бўлса-чи?
– Сафсата бўлса, кулишамиз, жиннилик қиламиз.
– Ҳай, ҳай, бундай дея кўрма. Бундай сафсаталар яхшиликка олиб келмайди.
– Мана исбот, сенга баҳона топилса бас. Кулгисевар французларнинг сени пессимистликда дунёда бунинг олдига тушадигани йўқ деб аташлари бежиз эмас. Бу гапларнинг барини уйгаям олиб кирма, кўчага ташлаб кетайлик. Бугунга шунча муаммо кўплик қилади — орбитадаги роҳиб Филофей дейсанми, океандаги ҳалиги китлар дейсанми, эҳ-ҳе, мен эса эртага оркестр билан жиддий репетиция қилишим керак... Э, Худойим-эй...
– Мен ўзим бугун сен билан бафуржа суҳбатлашиб ўтирмоқчиман, Жесси... Мана, уйга ҳам келдик.


Т ў р т и н ч и б о б

Бамайлихотир дам олишнинг иложи бўлмади. Кеч соат еттидан ошиши билан телефон жиринглади. Аёл киши дадил оҳангда, кеч безовта қилгани учун кечирим сўради-да, мистер Борк президентликка номзод мистер Ордок билан гаплаша олармикин деб қолди. Шундан сўнг Ордокнинг ўзи гаплашди. Ҳар доим сўзамол, ўта самимий одам бу гал нима учундир ҳаяжонда эди. Икки дўст ўртасидаги эркин суҳбат қирқ минутдан кўпроқ давом этди. Роберт Борк иш юзасидан кўпгина керак-нокерак гапларни эшитди. Ўзи ҳам кўнглидаги гапларини айтиб олди.
Суҳбат ҳазил-мутойибадан бошланди:
– Хелоу, Роберт, қайтиб келганинг рост бўлсин, мен сенга айтиб қўйишим керак: бу сафар Америка қитъасида сенинг келишингни ҳеч ким менчалик кутмаган бўлса керак, бундан сенинг гўзал рафиқанг мустасно, албатта, сени Рейн соҳилида қандайдир франкфуртлик жононлар даврасида учратиб қолсам керак деган умид билан Европага жўнашга ҳам тайёр эдим.
– Раҳмат, Оливер! Франкфуртлик аёллар чиндан ҳам гўзал. Ўйлайманки, сен мени фақат шу сабабли ахтариб юрмагандирсан. Бошқа бирон гапинг бўлса керак. Анча вақтдан бери кўришганимиз йўқ.
– Ҳа-да, жуда гап кўп. Ўзинг тушунасан-ку: жин урсин, айтгандай кейинроқ жин ҳақида мен сенга тунов куни ўзим гувоҳ бўлган қизиқ бир воқеани сўзлаб бераман, буёғини эшит, сен Европа бўйлаб сайр қилиб юрган кезларингда мен сайловолди кампаниясига ўралашиб қолдим.
– Биламан, биламан. Бунга қаттиқ киришгансан.
– Қаттиқ бўлганда қандоқ. Менга етарлича бели бақувват, энг муҳими, манфаатдор пулдорлар шерик бўлишмоқда. Лекин гап бу ҳақда кетмаётир, ақча бир оркестр бўлса, ашуласини сенинг ўша манман дўстинг, яъни камина айтишим керак. Бунинг маъноси нималигини ўзинг мендан кўра яхшироқ биласан. Фақат бирон натижа чиқармикин? Бу жиддий масала. Бироқ мен орқага чекинмоқчи эмасман. Қисқаси эзмалик қилишга ўрин йўқ. Сен буни жуда яхши биласан. Омма билан учрашувларда обрўйимга обрў қўшмоқчиман (оломон демоқчи эмасман, ҳечам, ҳар қандай ҳолда ҳам, ҳа, албатта, умумзаковат, буни мен барча учрашувларда таъкидлаяпман, мен барча даражалардаги умумзаковатнинг ривож топиши тарафдориман). Шундай бўлса ҳам сен — сен ўзимизникисан, айтиб қўяй, сенинг иккиёқлама муҳитлар ҳақидаги мақолаларингни ўқиганим бор, демакки, популизм дегани портлаш хавфи бўлган минтақага кириб қолган билан баравар: одамларнинг кўнглидагидек қадам ташламасанг, жавоб бермасанг, фикр билдирмасанг, бировларнинг кўнгли тўлади, бошқаларники — йўқ, ва ҳамма сендан нимадир кутади, ва бунга ҳар қандай ҳолатда ҳам тайёр бўлиб турмоқ даркор. Энг муҳими, муаммоларни ўз нуқтаи назарингдан халққа тушунарли қилиб гапириб беришда. Улар, сайловчилар нималарни кутишади — муаммоларнинг ҳал қилинишини. Алло, алло, эшитаяпсанми? Роберт, кечирасан, мен сенга — олимга қаёқдаги нарсаларни гапириб ўтирибман, ўзим ҳам хижолатдаман. Лекин ҳозирги пайтда менинг қисматим шундай. Кўчада ўтиб кетаётган ҳар бир киши мени тушуниши керак.
– Хавотир бўлма, Оливер. Мен сени эшитяпман, қулоғим сенда.
– Раҳмат. Энг муҳими, дунёдаги ҳозирги кризис ҳолати қаршисида ўз дастуримни — Америка истиқболининг стратегик дастурини сайловчиларга тушунтириб беришга ҳаракат қиламан. Дунёда кризис бўлиб турган пайтдаги дастуримни. Таъкидлаб айтаман — кризис ҳолати дастурини. Ўз-ўзимга шундай деб қўяман — Ҳаёт ўзи қачон кризис ҳолатида бўлмаган. Кризис ҳар доим, ҳамма замонларда бўлган. Ҳар доим кимдир ўзини таҳлика остига қўйиб бошқаларни ўз ортидан эргаштирган. Шу маънода кризис одамларни эргаштириш, ишонтиришнинг зарурий шартидир. Конститутция ва мавжуд қонунлар бор бўлсин, дунёда осойишталик ҳукмрон бўлса биров бировга қулоқ солармиди? Кризис бўлмаса, биров бировнинг гапига кирармиди? Мен шундай деб тушунаман. Кўриб турибсанки, менинг дастуримнинг бош ғояси абадий муаммодан — Ҳамманинг ва ҳар бир кишининг ҳаётини эртага қандай қайта қуриш кераклиги масаласидан келиб чиққан. Албатта, ҳар бир киши ҳаётда ўзи учун яхши ўзгаришлар бўлишини истайди, истабгина қолмасдан бунга қандай эришиш кераклигини, эришганда ҳам тезда фаровон турмушга эришишни хоҳлайди. Сенга кулгили туюлмасин, лекин одамлар буни била туриб, ўзларини ишонтириш ва яна ишонтириш кераклигини тушунмайдилар.
Ордок ўзининг бу соҳадаги мулоҳазалари ва ташвишларини ҳикоя қилиб бергунча Борк президентлик лавозимига даъвогарнинг гапидан сайловолди машаққатларининг маълум ва машҳур мавзуларини пайқаб олиш билан бирга номзоднинг ҳозирча яшириниб ётган фикрини, асл мақсадини ҳам англаб олди.
Суҳбат замирига назар солинса, Ордок суҳбатдошида яхши таассурот қолдиришга, гражданлар ва демократия принциплари манфаатлари йўлида гўё хавф-хатарга рози бўлганига ва ҳаяжонли нутқлар баҳонасида ўзини безовта қилган қандайдир масалаларни ойдинлаштиришга уринаётганини билиб олиш мумкин эди. У чиндан ҳам ана шу мақсадда қўнғироқ қилган экан.
Борк Ордокни партиянинг маҳаллий бўлимининг бошлиғи сифатида шу фирқага қарашли бинодаги катта чўзинчоқ ойнали кенг кабинетда, телефонлар ва бошқа оргтехника ўрнатилган столда, қора кўн қопланган айланма курсида патларини ҳурпайтирган қушга ўхшаб гавдасини сал орқага ташлаганча, ўн бешинчи қаватнинг ойналари орқали қаршидаги худди шундай баланд биноларнинг ойнаванд қаватларига телефонни қулоғига тутганча маъносиз қараб ўтирган ҳолатда тасаввур қилди. Оливер Ордок ҳар қанча дилкаш ва самимий бўлмасин, у ҳақда хилма-хил фикрлар мавжуд эди — бировлар яхши деса, бировлар ёмон дер эди, ҳатто унинг ўтакетган зиқна эканлиги тўғрисида миш-мишлар ҳам юрар эди ва ҳоказо. У популист-сиёсатчилик бобида итдай ҳид билар эмиш. Бундай миш-мишлар кимлар ҳақида бўлмайди дейсиз. Бунинг устига ишни адвокатликдан бошлаб яшин тезлигида ўзига жамоат фикрини тортса-да, бошқаларнинг кўзини куйдириб ғалаба кетидан ғалаба қучса, уни яхши билганларнинг танқидий гапларига тупуриб, йўқ ердан мартабага эришаверса.
Ордок дастлаб касаба уюшмаси, сўнгра экологик ҳаракат соҳаларида амалларга минди, телеэкранларда ва матбуот саҳифаларида кўриниб, анчагина қобилиятли эканлигини намойиш қилди. Бу эса замоннинг долзарб талабларига, унинг ўз тили билан айтганда, нотаниш кишиларнинг эҳтиёжларига тўла жавоб берар эди. У йиртқичнинг изидан тушган итга ўхшаб, паст табақаларнинг ижтимоий кайфиятини хатосиз аниқлай олар ва бу муҳитга таъсир этар экан, юқори табақанинг танқидига матонат билан бардош берар эди. Шу йўл билан ютиб юрди. Шак-шубҳа йўқки, муваффақият қанот бағишлар, ишонч ато қилар, одамни ўзгартириб юборар эди. Ордокнинг ҳатто ташқи қиёфаси ҳам бирдан таниб бўлмас даражада ўзгариб кетди. Унинг қушларникига ўхшаган юзини ва томирлари бўртиб чиққан бўйнини қоплаб ётган қандайдир оқиш-кулранг доғлар ҳам ўз-ўзидан йўқолиб кетди.
Ордокнинг кўзлари остига қорамтир доғлар тушган, гўё шўрва сачрагандай юзи яқин-яқинда ҳам Геббельснинг ҳаяжонли юзини эслатарди. Бу ёғини эшитинг, унинг врач бир рақиби ўз вақтида шундай деган эди: Ордокнинг юзидаги доғлар унинг шуҳратпараст орзу-истакларининг, ҳокимиятга бўлган чанқоқлигининг руҳий кўрсаткичидир. Агар тақдир кулиб боқмаганда эди, унинг бутун нимжон бадани бошидан оёғигача ана шундай антиқа доғлар билан қопланар, у худди шу зайлда гўрга кетган бўлур эди. Оғзига кучи етмайдиганлар ана шундай миш-мишларни тарқатишар эди. Сир нимада эканлигини биладиганлар аксинча, Ордокка ачинар эдилар, чунки бу доғлар кам учрайдиган ва олапес деб аталадиган асаб касалидан нишона эди. Ордокнинг юзидаги доғларнинг ўз-ўзидан йўқолиб кетишига унинг сабр-бардошлилиги ва ниҳоят, кўпдан буён кутилган мақсадларга эришиб ич-ичдан кескин ўзгариши сабаб бўлди дейишди. Ордокнинг башарасидаги нуқсон унинг сиёсий муваффақиятлари туфайли барҳам топди десак кулгили туюлади. Лекин аслида шундай бўлиб чиқди. Аммо турмушнинг икир-чикирлари унутилди ҳам. Оливер Ордок экранларда соппа-соғ кўринади, доғлардан нишон ҳам йўқ. Унинг серҳаракат, ўйноқи қора кўзлари йўқотган нарсасини ахтаргандай доимо жиддий боқар эди. Ордокнинг тан олишига қараганда, у ўзига қарши бўлган одамни бир кўрсам дер эди. У рақибига рўпара чиқар ва уни исканжага олар эди. Бунинг устига Ордок бинойидай ваъзхон эди: жаранглаган овози, сўзларни чертиб-чертиб талаффуз қилиш, таъсирчан имо-ишоралар, хулласи калом, оломоннинг диққат-эътиборини тортадиган жамийки сифатлар нотиқда муҳайё эди.
Ордокнинг Борк эътиборини энг кўп жалб қилган хусусияти, бутунлай тасаввур қилиб бўлмайдиган нодир фазилати шу қадар ҳайротомуз эдики, асти қўяверинг. Чиндан ҳам бирон кишига айтсангиз бунга умуман ишонмайди, бўлиши мумкин эмас дейди. Борк буни орқаворотдан эшитиб эмас, балки шахсан билар эди, чунки улар Оливер Ордок билан бир дорилфунунни битиришган, лекин турли йилларда ўқишган — Борк сал олдин, у эса кейинроқ ўқиган, Борк тарих факультетини, Ордок бўлса юридик факультетни тугатган. Ўшандан буён кўп вақт — бир неча ўн йил ўтди, лекин дорилфунунда ўтказилган романтик йиллар уларни яқинлаштирган эди. Ордокнинг энг ноёб қобиляти шунда эдики, у телефонда қачон, ким билан, нима ҳақда гаплашганларини умр бўйи ёдида сақлаб қолар эди! ҳа, у телефон орқали қилган ҳамма суҳбатларини ёддан билар эди. Айтайлик, бирон арзимас масала юзасидан бўлса ҳам, бундан ўн-ўн беш йил олдин қайси куни, соат нечада, ким билан қанча вақт гаплашганини айтиб бера олар эди, масалан, унинг бир вақтлар аэропортнинг маълумотхонасига қўнғироқ қилгани ёки бир минг тўққиз юз етмиш биринчи йил 12 август чоршанба куни соат учда бирдан бензоколонкадан телефон қилишгани дегандек. Хотиранинг ана шундай хусусиятини, каллада шу қадар бемаза маълумотларнинг тўпланиши мумкин эканлигини ҳеч ким тушунтириб бера олмади. Роберт Борк Ордокнинг ана шу ғалати фазилатига баъзан ҳаваси келса, баъзида эса ундан даҳшатга тушар эди. Бу ҳақда гоҳида мутлақо жиддий, айрим ҳолларда эса кулгили ва қўрқинч билан ўйлар эди, рост-да, бундай бемаъни қобилиятнинг одамга нима кераги бор? Бу Тангрининг мукофотими ёки аксинча, жаҳаннамдан юборилган жазоми? Ким билади?
Роберт Борк бирга ўқиган ўртоғининг телефондаги эзмалигига қулоқ осган пайтида ҳам Ордокнинг ўша фазилатини эсга олди. Бирдан ўйлаб кетди: «Саломат бўлсак, балки ўн йиллардан сўнг ҳозирги суҳбатимизни ҳам гапириб берар, мен бўлсам ҳаммасини унутган бўламан, ажаб эмас, бирдан менинг ҳам эсимга тушиб қолса... Бунинг нима кераги бор?».
Шу аснода у гап мавзусини ўзгартириб муддаога ўтди:
– Энди, Роберт, дардимни эшит. Узр, гапни узоқдан бошлашга тўғри келади; шундай бир воқеа рўй бердики, уни даб-дурустдан тушунтириб беролмайман. Сен буни яхши биласан, албатта, бу ҳақда бутун Америка шанғиллаяпти. Ўша самовий роҳиб, отинг қурғур — Филовеймиди, Филовей-а?
– Филофей, — тўғрилади Борк. — Исми Филофей. Мен унинг мактубини бир соат олдин ўқидим.
– Ўзим ҳам шундай бўлса керак деб ўйлаган эдим, Роберт. Биласанми, кассандра-эмбрионлар муаммоси шахсан менинг бошимга тош бўлиб тушгандай бўлди. Бундан кўра даҳшатли зилзила бўлгани яхшироқ эди. Мени кечирасан, тушкунлик руҳимни эзиб ташлади. Умримда ҳеч қачон бундай аҳволга тушмаганман. Шу вақтга қадарли жаҳаннам нима эканини тасаввур ҳам қила олмас эдим, ҳозир эса жаҳаннам ёқасида турибман. Мен рақибимни қидириб топишга ва ҳамманинг кўз ўнгида у билан беллашишга одатланганман, бу ерда эса ўзингни қандай тутишингни, ким билан иш қилишингни, қўй-чи, ким билан солишиш кераклигини билмайсан. Айтмоқчиманки, бу қандайдир мавҳум нарса. Шу билан бир вақтда, аслини олганда бу ҳаммага ва ҳар бир кишига дахлдордир, ҳаммамиз гангиб қолдик, балки фақат сен ва сенга ўхшаган алломамисан алломаларнинг эътиқодигина ўзгармагандир.
– Кечирасан, Оливер, — унинг сўзини бўлди Борк, — мен ҳам бу борада ҳамма қаториман. Очиғини айт, нега энди бу масала юзасидан бошқа одам қуриб қолгандай менга мурожаат қилаётирсан. Иккаламиз ҳам бир дорилфунундан чиққанмиз, мен хоҳлаганингча сенга қулоқ солишим мумкин, шундай бўлганда ҳам...
– Очиғини айтаман. Бу фикр менда пайдо бўлгани йўқ. Бу масала юзасидан шарҳ ва маслаҳат сўраб сенга мурожаат қилиш ғоясини менинг ёрдамчим Энтони Юнгер айтди. У ёш йигит, ишчанлигидан ташқари ўта саводли, фалсафа билан ҳам қизиқади. Мен уни ҳурмат қиламан. Шу десанг, гангиб қолган менинг барча маслаҳатчиларим ва ёрдамчиларим кўзларини ола-кула қилиб, қўлларида «Трибюн» газетаси билан чопиб келишса ғалати бўлиб кетибман. Эртага мен округда одамлар билан, халқ билан катта учрашув ўтказишим керак. Ўзинг биласан-ку, демократия билан халқ бир нарса. Мен ҳамма нарсага тайёрман, ҳар қандай саволларга шайман, лекин мен ўша кассандра-эмбрионлар тўғрисида сўраб қолишларини эслаганимда, биласанми, сал нарида йўлбарс тургандай юрагим орқага тортиб кетади. Бирдан космосдан момақалдироқ гумбурлаши етти ухлаб кимнинг тушига кирибди. Олдинда — сайловчилар билан қанча учрашувлар режалаштирилган. Мен нима қилиш кераклигини ҳисоб-китоб қилиб ўтирибман. Ўзинг биласан, биз америкалик сайловчилармиз, ўта синчков халқмиз, жанжалкаш деса ҳам бўлаверади. Буни ҳамма билади, бизни бутун дунё кузатиб турибди, шундай бўлиши мумкинки, бизнинг серхархашалигимиздан ҳамманинг кулгуси қисташи ҳеч гап эмас. Демократия — бирдан-бир мақсад. Худди ана шундай. Худо ҳақи, мени кечир, яна мавзудан четга чиқдим. Шундай қилиб, мен нима демоқчи эдим? ҳа, эртага сайловчиларим менинг ҳамма озиқ тишларим жойидами-йўқми эканлигини билиб олиш, менинг тиш докторимдан сўраб бунга ишонч ҳосил қилиш баробаринда ўша самовий роҳибнинг мактуби юзасидан фикримни албатта билишни хоҳлайдилар. Мен нима дейишим керак? ҳе йўқ, бе йўқ, елкамни қисиб туравераманми? Сиёсатчи учун бу умуман ярашмайди.
– Бу ҳақда савол беришларига аминмисан?
– Аминман! Ўйлаб ўтиришга ҳожат йўқ.
– Демак, фақат бир йўл бор — Филофейнинг кашфиётини ўз-ўзимизни космос орқали тузатишимиз деб тан олиш лозим. Бу космик зондлаш орқали ботин кўзимизга кўринган янги бир манзарадир. Шундай эмасми?
– Эҳтимол шундайдир, лекин билмайман, мен бундай дейишга тайёр эмасман. Сен билан гаплашиш яхши, лекин бундай тузатма, қўшимча, пароксизм, янги нуқтаи назар кераклигини одамларга қандай тушунтириш мумкин? Фарқи нимада? Осмони фалакдаги роҳиб қандайдир кассандра-эмбрионлар, уларнинг дунёга келишдан бош тортиши, умуман олганда тажриба қилиб бўлмайдиган мислсиз нарсалар тўғрисида сўз юритади. Агар бу фақат илмий соҳагагина дахлдор бўлганда ҳам бир гап эди. Ахир Филофейинг Рим папасига, аслида бутун инсониятга мурожаат қилаётир. Бунинг устига Рим папасининг ўзи нима дер экан? У умуман жавоб қайтарармикин? Менинг Рим папасининг аҳволига ҳам, ўзимнинг аҳволимга ҳам ҳавасим келмайди. Папа Ватиканда, роҳиб осмонда, мен эса оломон қаршисидаман!
– Тўхта, тўхта, Оливер, биринчидан, сен бир ўзинг эмассан. — вазиятни ойдинлаштирмоқчи бўлиб сўз қотди Борк. — Бунда ҳамма...
– Тушунаман, тушунаман, лекин кечирасан, гапимни охирига етказай. Сенинг нима демоқчи эканлигингни билиб турибман. Сен демоқчисанки, бу муаммо соф шахсий муаммо, ҳар бир киши ана шундай пароксизм деган нарсани қабул қилиш-қилмасликни фақат ўзи ҳал қилиши керак. Ҳа, лекин ташқаридан қарагандагина шундай, Роберт. Бизнинг ҳозирги замон – кўча норозиликлари ва оломон талаблари замони, шахсий ташвишларни маъмурий тузумга юклаб қўядиган замон. Ҳатто ОИТС (СПИД) учун ҳам маъмурий системани айбдор деб билишмоқда. Ҳозирги одам шундай махлуқки, сал кўнгилсиз ҳодиса рўй бердими, аввало ўзини эмас, балки тузумни айбдор деб ҳисоблайди. Шу пайтда самовий роҳибдан шундай янгилик келиб қолдики, уни кимга тўнкаш, қаерга ағдариш кераклигини билмайсан. Энди нима қилиш керак? Умуман олганда муаммолар тўлиб ётибди. Лекин кўплар бу сафар ҳам ҳунар кўрсатмоқчи — мен ўз ҳамкасбларимни, сиёсатчиларни назарда тутяпман, — бу ишда улар сайлов олди кампаниясидан фойдаланиб қолишга уринмоқдалар, ҳатто қирғинбарот урушдан ҳам наф кўриб қолиш мумкин. Мен демоқчи бўлганим шу.
– Ҳа, дўстим, бугун сенга осон эмас. Мен сени тушунаман, Оливер. Бироқ Филофей мактуби менинг учун муаммо эмас деб ўйлама. Мен ҳам ҳаяжондаман. Лекин шуни айтишим керакки, мухолифлар Филофейнинг даъволарини рад этолмас, фош қила олмас эканлар, буларнинг ҳаммаси чин бўлиб чиқадиган бўлса ва ҳақиқатдан-да нодир кашфиёт қилинган бўлса, кашфиёт деганимиз ҳам руҳ пайдо бўлишининг биопсихологик факторига, эмбриондаги интуицияга, жумладан охирзамон нишонасига (мен уни «Филофей нишонаси» деб атаган бўлур эдим) алоқадор бўлса, эрк ва қўрқинч, туғилиш билан ўлим киши ҳаётида қандай ўрин тутса, бу ҳам бундан буён худди шундай ўрин тутажак.
– Ҳатто шу даражадами? Наҳотки шундай бўлса, унда ҳеч нарса деб бўлмайди. Ҳайратомуз гаплар! — Ордокнинг овозида самимий ҳайрат ва ранжиш аломати сезилди. — Ундай бўлса бундан буён нима қилмоқ керак?
– Сен нимани назарда тутяпсан?
– Мен нимани назарда тутишим мумкин? Биз сен билан мусоҳаба қилган юксак материялар ўз йўлига, лекин мен сайловчиларнинг саволларига конкрет жавоб беришим, «Филофей нишонаси»га ўз муносабатимни билдиришим керак. Бу борада тушунмовчиликлар бўлмаслигини хоҳлар эдим.
– Ҳа, сени тушунаман, — Ордокнинг фикрини маъқуллаб деди Борк. — Ўйлаб кўриш керак...
– Бирон соатдан сўнг телефон қилсам-чи? Ростдан ҳам, Роберт, ғалати бўлиб кетаяпман. Хотиржам бўлганимда сени безовта қилмаган бўлур эдим ҳам, лекин ўзим нафсонияти кучли одам бўлганим учунми (мен шундай одамман, худодан яширмаганни бандадан яширмайман) ўша аудиторияда ўзимга ўзим кучли ишонишим ҳечам кифоя қилмайди. Сенинг гапларингдан пайқадимки, бу — инсон табиатида бутунлай янги бир ҳақиқатдир. Ахир биз америкаликлар, ўзинг биласанки, ҳамма соҳада биринчи бўлмоғимиз, ўзимизнинг мустақил ва бошқаларга ўрнак бўладиган фикримиз бўлмоғи зарур. Худо кўрсатмасин, бугун галактикадан ўзга сайёраликлар келиб қолишса, эртага ўшалар билан ачомлашиб тушган расмларимизни босиб чиқаришимиз керак. Акс ҳолда биз америкалик бўлолмаймиз.
– Ҳа, тўғри, худди шундай, — кулди Борк ва қўшиб қўйди: — Албатта, энди телефонда гаплашишлар кифоя қилмайди, балки муҳимроқ нарса, айтайлик қандайдир форум, йўқ деганда махсус конференция, биттагина конференция эмас, бизнинг Америкадагина эмас, балки бошқа мамлакатларда ҳам конференциялар ўтказилмоғи керак, бу ташаббусни аҳоли зич яшайдиган регионлар, биринчи галда Россия, Хитой, ҳиндистон, Япония айниқса жон деб қўллаб-қувватлайди, Филофей улоқтирган тош сув юзида қандай тўлқин ҳосил қилажагини тасаввур этаман. Лекин бошлаган суҳбатимизни давом эттирайлик. Нима қилмоқ керак, эртага нима қиламиз? Ахир сен, Оливер, ўзингнинг сайловолди дастуринг билан чиқмоқчи эдинг шекилли? Шундайми? Сен ҳозиргина сайловчилар билан учрашувлар ўтказдинг, сенинг ўзингнинг биринчи ўринга қўйган масалаларинг, далил-исботларинг, ҳар бир даъвогарда бўлганидек, таъсир қилиш усулларинг бор. Матбуотда номзодларнинг рейтинги тўғрисида маълумотлар кўзга ташланди. Хомчўтлар, башоратлар. Сенинг ишларинг чакки эмасга ўхшайди. Мен сенинг рақибларингни ҳам яхши биламан.
– Ҳамма гап шунда-да. Жуда кучли, тадбиркор шахслар. Ана шундай кутилмаган омил — Филофей нишонаси мана мен деб турганда ўшаларни ҳеч ҳам унутиб бўлмайди.
Борк унинг кўнглини кўтаришга уринди:
– Менимча, ҳали вазият аниқ эмас экан, бу ҳақда гаплашишга вақт эрта. Президентликка номзод экансан, бу мавзунинг сенга бевосита алоқаси йўқ.
Оливер Ордок оғир хўрсинди.
– Сен у қадар ҳақ эмассан, — эътироз билдирди Ордок. — Албатта, бутун тарих учун ҳечам масъул эмасман. Лекин бу вазиятнинг сайловолди ишларимга таъсири мени ташвишга солади. Энди менга қулоқ сол, Роберт. Менинг сенга мурожаатимга келганда шуни айтиш керакки, ҳозирги ёшлар сени яхши билишади ва маънавий жиҳатдан сенга эргашишади. Кўп вақтингни олдим, мен тасодифан қўнғироқ қилаётганим йўқ, ахир сен машҳур футурологсан ва ҳоказо, биздек сиёсат амалиётчиларига сенга ўхшаган алломалар маслаҳат бермаса, ким маслаҳат беради. Сайловлардаги рақибларим туллак сиёсатдонлардир, улар орасида мен янгиман. Биласанки, ҳозир биринчи қур, агар олдиндан тўғри сиёсий юришлар қилинмаса, ўйиндан чиқиб кетиш ҳеч гапмас. Ана шу вазиятда сайловчилар кимни афзал кўришади? Қандай мавқе тутиш керак? Очиғини айтганда, мен консерватор деб ном чиқаришни хоҳламаган бўлар эдим, бунинг кераги йўқ, шу билан бирга бирон соҳада инқилоб қилиш — Ҳамма вақт хатарли бўлиб келган. Қандайдир бемаънилик, тушунмовчилик сабабли, айтайлик, ана шу самовий воқеа муносабати билан пойганинг бошидаёқ ўйиндан чиқиб кетиш алам қилади. Мен ҳаммасига тайёрман, сайловолди курашининг ҳамма вариантлари, Олимпга кўтарилиш йўлида рўй бериши мумкин бўлган барча мушкулотлар ҳисоб-китоб қилиб қўйилган. Худди ана шу пайтда самовий роҳибнинг «Ассалому алайкум» деб қолиши қизиқ бўлди-ку! Нима қилиш керак — «мен сен билан» дейманми ёки «сени жин урсин, нари тур» дейманми? Худо ҳаққи, бунақаси тушингга ҳам кирмайди. Лекин гўрга борасанми? Шу масала юзасидан сенинг фикрингни билмоқчи эдим, шунчаки қизиқсиниб эмас, балки заруратдан. Кутилмаганда овозларни бой бериб қўймасам бўлгани. Мана муаммо қаерда.
– Яхши, Оливер, мен ҳаммасига тушунгандай бўлдим, — жавоб берди Роберт Борк, Ордокнинг ғайрати ва шижоатига қойил қолиб (Сиёсий жиҳатдан омон қолиш учун сиёсатчилар билан бел боғлаб курашиш осон эмас!).
Борк роҳиб Филофейнинг космосдан думли юлдуз янглиғ учиб келиши кишиларнинг онгига қандай раҳна солганлиги, дунёда қандай ёвуз иғво-эҳтирослар хуруж қилганлигини бир лаҳзада кўз олдига келтиргач, миясига қон қуйилгандай бўлди, қулоғи шанғиллаб кетди. Бу яхшиликка олиб келадими ёки ёмонликка? Бевосита қўйилган саволга жавоб бериш керак эди.
– Агар сен, Оливер, сайловолди пойгасида иштирок этмаганингда ҳам, — деди Борк телефон симининг нариги учида суҳбатдоши уни кўриб тургандай беихтиёр бош чайқатар экан, — ўшанда ҳам барибир муҳокама қилиниши керак бўлган масалалар топиларди. Гап менинг Филофей мактуби таъсирида бўлганимдагина эмас. Гап шундаки, мен ҳар қанча шубҳа қилмайин, Филофейнинг хулосаларини рад этиш учун асос тополмаяпман. Аксинча, ишонч пайдо бўлаётир.
– Ишониш керак демоқчимисан?.. Бу нимага олиб келади, Роберт?
– Замон нимага олиб келган бўлса, ўшанга. Бундан буён масала шундай қўйилади — биз Филофейнинг кашфиётини маълумот учун қабул қиламизми ёки уни қўлимиздаги далиллар билан рад этамизми, ё бўлмаса, ҳеч қандай муҳим воқеа рўй бермагандай, пинагимизни бузмай тураверамизми, Филофейни хира пашшадай ҳайдаб юборамизми? Биринчиси ҳам, иккинчиси ҳам, учинчиси ҳам ҳозирча бизнинг ихтиёримизда. Борди-ю Филофей кўтарган муаммолардан ўзимизни четга оладиган бўлсак, ҳаёт доимгидай давом этаверади, Кассандра тамғасидан бехабар бўлганимизда, кассандра-эмбрионларнинг генетик фожеаси тўғрисида тасаввурга эга бўлмаганимизда бошқа гап эди, лекин биз буни билиб олдик. Энди қандай йўл тутиш керак? Ўзимизча ҳеч қандай хавф йўқ деб бепарволик қилиб тураверамизми ёки ҳақиқатдан кўз юммай, охир замоннинг муқаррар эканлигини сезиб, кассандра-эмбрионларнинг овозини эшитиб тураверамизми? Нима қилиш керак? Кечагина инсоният бу ҳақда ҳеч нарса билмас эди, бугун эса бундан хабардор. Бошқача айтганда, ташхис қўйилган. Оқибатда инсон ўз жисмида ўзини янгидан кашф этди дейиш мумкин — ўзининг эндигина пайдо бўлиб, униб келаётган пуштида у ўзи ким, олдинги авлодларнинг ирсий йўл билан ўтган иллатлари уни қаёқларга, қандай генетик зимистонга олиб кетади? Биз ўша мудҳиш кўзгуда ўзимизга яхшилаб разм сола оламизми? Ёки кўрмасликка олиб, ўзимизни борган сари бурчакка кўпроқ тиқаверамизми? Мен Филофейнинг кашфиётини ана шундай тушунаман.
– Ҳм, ҳм, — кучаниб тўнғиллади Оливер Ордок телефонда ва оғир уф тортиб жимиб қолди.
– Нима учун жимиб қолганингни тушунаман. Лекин менинг фикримни умуман инобатга олмаслигинг ҳам мумкин. Эшитяпсанми?
– Эшитяпман. Ҳар ҳолда сенинг фикринг мен учун муҳим, Роберт. Менинг бошқа йўлим йўқ — мен ютишим ёки ютқазишим мумкин, бу менинг йўл танлай олишимга боғлиқ. Тушуняпсанми? Ютқазиш эса менга ҳечам ёқмайди. Нега энди мен ютқазишим керак экан? Тушуниб турибман, масалан, мен иш ташловчилар томонига ўтсам ёки аксинча, апартеидга қарши намойишчиларнинг биринчи сафларига қўшилсам, ё бўлмаса, аксинча, бундай йўлни маъқул кўрмасам ва ҳоказо. Ўшанда сен нима учун мағлуб бўлганингни биласан, жин урсин. Бирон арзийдиган иш учун! Бунда-чи? Космик станциядаги қандайдир телбанинг хаёлий гипотезаси учун мартабангни, эҳтимол, бўлажак президентлик мансабингни хавфга қўясанми? Қандай беъманилик бу! Ана шу воқеа ё олдинроқ эмас — ё кечроқ эмас, худди шу пайтда рўй бериб қолса нима дейсан? Кечирасан, ўзимнинг шубҳа ва дардларимни айтиб оляпман.
– Қулоғим сенда, Оливер. Гапиравер. Лекин Филофейнинг кашфиётини қандайдир хаёлий гипотеза ҳисоблаб тўғри қилмаётганга ўхшайсан. Бу сенинг ишинг, албатта. Лекин ўша гипотеза эмас, балки бор нарса деб қўрқаман. Агар шундай бўлса, бу ҳодиса ер юзидаги барча кишиларга тааллуқли бўлиб чиқади. Бирон тармоқда иш ташлаш, шаҳарларнинг кўчаларидаги намойишлар ва бошқа сиёсий воқеалар Филофейнинг кашфиёти олдида ҳеч гап бўлмай қолади. Демак, ҳамма нарсани ўз ўрнига қўйиб, ўзимизга ҳисоб бермоғимиз даркор.
Уларнинг ҳар иккаласи ўйланиб жим қолишди. Яна Оливер Ордок тилга кирди:
– Шундай экан, сен, Роберт, Филофейнинг мактубини қўллаб-қувватлашни маслаҳат берасанми?
– Биласанми, Оливер, сен ҳар нарсага сиёсий ёндошиб ўргангансан. Бу тушунарли, албатта. Лекин мен бу масалада шахсий майлларни инобатга олмайман. Филофейнинг далиллари ва мантиқи билан ҳисоблашмаслик мумкин эмас. Самовий роҳибнинг кашфиёти шуни кўрсатадики, инсоният янги синовлар олдида турипти. Шунинг учун мени тўғри тушун. Сен — сиёсатчисан, сенинг муддаонг муаммоларнинг долзарблигини пайқаб олиш. Кайфиятлар йўналишини сезиш. Мен бўлсам олимман, футурологман. Сен менинг фикримни билмоқчи бўлдинг. Агар сал нафим теккан бўлса мамнунман.
– Катта раҳмат, Роберт. Матбуотни кузатиб бораман. Сен бу масала юзасидан матбуотда ва телевидениеда чиқасан, албатта.
– Яхшиям Жесси менинг келганим ҳақида ҳозирча журналистларга лом-мим демайди.
– Бундан чиқди Жесси сени мендан — шилқим Ордокдан ҳимоя қилолмабди-да? Лекин жаҳлинг чиқмасин. Мен сен билан дўст бўлганим учун юрагимни ёздим. Аслини олганда мен беорроқ нусхаман, яхшигина эзмаман. Айтганча, мен сенга шайтон ҳақида гапириб бермоқчи эдим.
– Шайтон ҳақида? ҳа, эсимга тушди. Хўб, шайтон ҳақида нималарни эшитар эканмиз?
– Қизиқ бир воқеа. Тасаввур қил, мен яқинда биринчи сайловолди учрашувини ўтказдим. Катта залда игна отсанг ерга тушмайди. Беш минг чамаси одам бор! ҳаяжондаман. Дастуримни айтиб бердим. Нималарнигина сўрашмади дейсан. Баччабозликдан тортиб халқаро муносабатгача. Спорт билан шуғулланаманми, оилам қандай, ишқивозлигим ва ҳоказо. Бирдан микрофон олдида бир нусха пайдо бўлиб, шундай савол беради: «Мистер Ордок, марҳамат қилиб айтинг-чи, сизнинг шайтонга муносабатингиз қандай?» Мен довдираб қолдим. Зал жим бўлиб қолди.
– «Шайтонга муносабатим? Қандай шайтон ҳақида гапираётирсиз?!» — «Сиз ҳақингизда, мистер Ордок. Сиз — шайтонсиз!» — «Бу нима деганингиз?» — «Сиз мистер Ордок, венгерсиз. Венгер тилида Ордог «шайтон» дегани! Сиз буни ёдингиздан чиқармаслигингиз керак эди, мистер Ордок!» Зал шарақлаб кулиб юборса бўладими. Мени тер босиб кетди. Ўша нусха қўшимча қилди: «кечирасиз, мистер Ордок. Мен шунчаки гапираётганим йўқ? Сизнинг Америкада энг машҳур шайтон бўлиб қолишингизни хоҳлайман!» Ва яна залда шипни ёргудай кулги гумбурлади. Бу ёғи қандай бўлди, Роберт?
– Бунақасини ўйлаб ҳам тополмайсан! Буни Жессига ҳам айтиб бераман.
– Айтиб бер, айтиб бер, бир маза қилиб кулсин.
– О’кей! Зарур бўп қолсам, қўнғироқ қиларсан.
– Албатта, — жавоб берди Ордок, у хайрлашмоқчи эди, бирдан гап бошқа ёққа бурилиб кетди. — Эшитяпсанми, Роберт, менинг хом калламда бетамиз бир фикр ниш урди, — деди Ордок, телефон дастасига киноя билан «ҳм, ҳм» дер экан. — Тасаввур қил, борди-ю, бизнинг йўлимизда тўсатдан ўша самовий роҳиб пайдо бўлиб қолса, ўшанда унга нима кераклигини ҳеч ким билмайди, шунда сен бизнинг командамизда бош маслаҳатчи бўлармидинг? Ўша кампания пайтида, албатта. Табиийки, тегишли ҳақ эвазига. Лекин гап бунда эмас, Худо ҳақи, мени кечир, буни писанда қилмаса ҳам бўларди.
– Раҳмат, Оливер, таклифинг учун раҳмат, — қандайдир кераксиз мавзуга бурун суқмаслик учун шошиб жавоб берди Борк. — Лекин айтиб қўяй: ўзимнинг ишларим шу қадар кўпки, улгурмайман. Сенга тонг саҳардан қора кечгача ёнингда елиб-югурадиган уддабурон, ишчан йигитлар керак. Ахир бу кампания овозлар кетидан қувиш деган сўз. Мен бўлсам бу ишга кексалик қиламан.
– Ундай дема, Роберт, ундай дема. Сен ўзинг ўйлаган даражада кекса эмассан. Сен ўзингни қари қилиб кўрсатяпсан. Менинг гапимга ишон. Мен чин дилдан гапиряпман. Маъқул бўлса, ўйлаб кўр. Шояд! Космос Филофейи бўлгандан кейин куррайи замин Филофейи ҳам бўлиши керак! Нима дейсан?
– Бу ҳақда биргаликда ўйлашиб кўрармиз, — хижолат тортиб деди Борк. — умуман олганда, керак бўлиб қолса телефонлашиб туришимизга ҳеч нарса халақит бермайди.
– О’кей! Гапинг тўғри. Хайрли кеч! Мендан Жессига салом айт.
– Жесси ҳозир телевизор кўриб ўтирибди.
– Тушунарли, ҳозир ҳамма телевизорга ёпишиб қолган. Ҳамма шарҳловчиларнинг фикр-мулоҳазаларига қулоқ тутиб ўтирибди. Эртага нима бўларкин? Қандай шамол эсади? Худо билади. Хайр, Роберт.
– Кўришгунча.

Б е ш и н ч и б о б

Роберт Борк, ниҳоят, телефон дастасини қўяр экан, бошини чайқади — Филофейнинг мактуби чиндан ҳам ҳаммани қизиқтиради. Асрлар оша ҳал қилинмай қолган муаммолар кам бўлган дейсизми? Мана, энди кассандра-эмбрионлар жумбоғи ёз куни бошга қор ёққандай бўлди. Энди бутун дунё жазавага тушади. Қанча одамлар довдираб қолади. Вақти-соати келди! На қочиб, на яшириниб бўлади! Нимадир нишона бермоқда! ҳозироқ осмонда муаллақ турипти! Етилиб келаётган оловли ҳодиса-воқеаларнинг тафти сезилмоқда! Бозорнинг қоқ ўртасида кимнингдир номусига тегишса ёки диний туйғусини ҳақоратлашса, кўз кўриб қулоқ эшитмаган қий-чув кўтарилгани каби Филофейнинг мактубига шошилинч ва аёвсиз жавоб қайтарилиши аниқ. Ҳокимият даврларида, янги худоларни деб, янги халоскор ҳақиқатлар илинжида, идеал ҳаёт қуриш йўлидаги хаёлий бепоёнликлар сари бошланган катта ва кичик юришларда ҳар гал бўлгани каби, Филофейнинг ғоялари пачаваси чиққунча танқид қилинса, масхараланса, бадном этилса, лаънатланилса керак. Ҳаммавақт шундай бўлган. Наҳотки тарих бу гал ҳам яна, яна кўр-кўрона такрорланса! Наҳотки ҳар қачон бўлгани каби, энтикиб нафаси тиқилса, ҳеч нарса кашф қилолмасдан ҳеч нимага эришмай барбод бўлса? Лекин авлоддан авлодга тобора кўпроқ тўплана борган ёвузлик, асрлар бўйи йиғилган ёвузлик маҳсули ўлароқ ҳаётдан бош тортган кассандра-эмбрионлар ўз-ўзидан йўқолмайди, Филофей кашфиёти муносабати билан кассандра-эмбрионлар тўғрисидаги хабар инсониятнинг қийин қисматидан — охирзамон бўлишидан нишона беради. Бошқача бўлиши мумкин эмас.
Ана шулар ҳақида фикр юритар экан, Роберт Борк ногаҳон ўйлаб кетди — ўзидаги бу эҳтирос қайдан келди, коинотнинг бир бурчагида олам кезиб юрган самовий роҳиб Филофейнинг қилмишини нега юрагига шунчалик яқин олаётир, нега унга бу қадар куйиб-пишаётир, нега энди у кассандра-эмбрион таълимоти муаллифининг оташин тарафдори, ҳамфикри бўлиб қолди? Буларнинг сабаби нимада? Боркни ҳаммадан ҳам кўпроқ ҳайратда қолдирган нарса шу эдики, унинг бутун ўтган ҳаёти ўз умрида кўрган-кечирганлари, бор тажрибаси ва билими худди шу пайтда, Филофейнинг кашфиёти муносабати билан чинакам аҳамият касб этгандай бўлди. Ана шу ишонч унда ҳам таажжуб уйғотди, айни вақтда мисли кўрилмаган даражада ич-ичидан қониқиш ҳиссини ҳосил қилди, у ўзини қидириб юрган нарсасига, масалалар масаласига йўл топгандай сезди. Ана шу масалани ҳал қилишни эҳтимол у бутун умр орзу қилгандир: шунинг учун ҳам самовий роҳибнинг кашфиётини ўзининг жонажон ишидай ҳимоя қилишга тайёр эканлигини ҳис этди. Бўлажак маърузасининг мавзуси ҳам эсга келиб қолди — «Кассандра-эмбрионларнинг қўрқинч ҳисси нимадан дарак беради».
Худди шу заҳоти у ўйлаб кетди — Ҳаётда шундай юксак дақиқалар бўлади: йиллар давомида тўпланиб, кун сайин бойиб борган фикрлар бирдан яшин янглиғ ялт этиб юз беради. Бунга, албатта қўшимча шарт-шароит — оиладаги иноқлик, ўзининг илмий доирасида тан олинганлиги, яъни инсоннинг кундалик ҳолатига, иш қобилятига ҳар куни таъсир этадиган ҳамма нарса ёрдам беради, буни эса жуда оддий қилиб айтганда бахт дейдилар. Буни кундалик турмуш бахти деса ҳам бахтнинг баҳоси тушиб кетмайди.
Хуфтон пайти эди; чарчаганлигига қарамасдан Роберт Борк кабинетига кириб олиб, компьютерни ёқди. Энди кўнгилдаги жамики туйғуларни назардан қочирмаслиги керак. Буларнинг ҳаммаси қоғозда, сўзда ўз ифодасини топмоғи лозим.
Меҳмонхонада ёниб турган камин печка кабинетнинг очиқ эшигидан кўриниб турар эди. Жесси йил бўйи, ҳар қандай мавсумда ҳам каминга олов ёқиб қўяди. У олов мусиқасини севар эди.
Дастлабки қанотли иборалар осонгина пайдо бўлди. Тоза янги экранда сатрлар далада трактор плуги ағдариб кетаётган тупроқ қатламларидай аниқ ва кетма-кет терилган эди. Кабинетнинг ён томонидаги ним ёруғ ойналаридан кўкимтир куз кечаси кўзга ташланар эди. Боғдаги дарахтларнинг таниш шарпалари ғира-шира сезиларди. Ой осмоннинг бир чеккасида сузиб, паға-паға булутларга шўнғиб кетар, яна юз кўрсатар эди.
Иш юришиб турган ана шу онда Роберт Боркнинг хаёлий нигоҳида бутун жаҳон компьютер экрани ортида яширинган юксак тоғдан кўриниб тургандай эди. Ана шу кезда Борк одамнинг бошқалар орасида яшашининг, инсон боласининг туғилишдан то ўлишга қадарли умрининг муқаррар суратда муаммодорлиги, ҳаётнинг бош моҳиятига етишишга уриниши ҳақида ёзди — инсон дафъатаноқ ҳиммат-саховатли қилиб яратилган эмас, мутлақо бундай эмас, бунинг учун ҳормай-толмай руҳий куч-қувват сарфлаш талаб қилинади ва ҳар гал, ҳар бир боланинг туғилиши билан — етиб бўлмайдиган идеалга етишиш учун бу ишни яна бошламоқ даркор. Одамнинг бутун борлиғи ана шунга йўналтирилган бўлмоғи лозим. Ана шундагина у — инсондир.
Роберт Борк инсон ҳаёти тўғрисида фикр юритар экан, Филофей мактуби таассуротида таҳлил қилмоқчи бўлган масала ҳаётнинг олдиндан кўриб бўлмайдиган даражада мураккаб эканлигини, унинг нақадар зиддиятли, маккор ва кескин эканлигини хаёлига ҳам келтирмаган экан. Жумладан, у президентлик курсиси учун курашган Оливер Ордок билан гаплашганда роҳиб Филофей кашфиётига муносабатини билдирган соатдан бошлаб ўзининг тақдири ҳал қилиб қўйилганлиги ҳақида ўйламаган ҳам эди. Ҳолбуки ана шу соатдан эътиборан унинг тақдири Ордок тақдирига боғлиқ бўлиб қолган эди. Иккинчи томондан эса унинг тақдири бутунлай тасаввур қилиб бўлмайдиган даражада, бошқа бир кишининг ўша пайтда орбитада, фазовий ҳужрада кун кечираётган ва ўз навбатида Боркни билмайдиган, уни тушида ҳам кўрмаган Филофейнинг тақдири билан боғланиб кетган эди.
Лекин нимаики бўлмасин, бўлар иш бўлган, бўёғи синган эди. Ва тақдирлар бир-бирлари билан пайваста бўлиб кетган эди. Буни ўша ойдин кечаси ҳали ҳеч ким билмас эди. Тақдири боғланиб кетганларнинг биронтаси — биринчиси ҳам, иккинчиси ҳам, учинчиси ҳам билмас эди... Лекин тақдирлар таранг тортиб боғланган эди.
Ой эса тун қўйнида ёғду сочар экан, Ер устида белгиланган аниқ соат ва дақиқаларда ўзининг абадийлик йўлида оғишмай олам кезар эди. Ўша кечада бўлган қанча ҳомилаларни ойнинг тортиш кучи олам субстанциясига, абадийликнинг айланма ҳаракатини — туғилиш ва ўлиш жараёнини давом эттиришга жалб қилган эди. Ҳаётнинг абадийлиги оналар қорнидаги янги ҳомилаларда янгиланиб борарди. Ва ўша кечада пайдо бўлган барча ҳомилалар келажак шахслари эди. Мана шу барча ҳомилаларга озодлик эшиклари, туғилиш эшиклари очиб қўйилган эди. Ва ўша кечада ҳосил бўлган эмбрионлар вақти келиб бири мўъмин-мусулмон, бири сўққабош руҳоний ва ҳоказо ва ҳоказо бўлиб туғилиши мумкин эди. Лекин абадийлик қонунига зид ўлароқ, ўша кечадаги ҳомилалар орасида ҳаёт даъватидан бош тортган генетик жиҳатдан нигилистлар — кассандра-эмбрионлар ҳам пайдо бўлган эди. Улар иккиқат аёлларнинг қорнида туриб Кассандра белгиси нури орқали ўзи ҳақида хабар бериш учун пайдо бўлган, ўгай тақдири азалга қарши ўлароқ, ўзининг сассиз илтимосини — Ҳаётдан видолашишга рухсат беришларини сўраб қилган илтимосини Филофейнинг зондаж-нурлари ёрдамида ташқи дунёга маълум этиш учун пайдо бўлган эди.
Ва ўша кечаси океанда зулмат қўйнида милт-милт ёнган машъал ёнида соҳил яқинида китлар сузиб бормоқда эди. Ўйноқи ойдин кечада китлар галаси қоронғида садафдай танасини ялтиратиб, сабот билан тўхтовсиз сузар эди. Улар қаёққа сузиб кетмоқда эди? Уларни нима ўзига жалб қилар эди? Уларни нима қувмоқда эди? Соҳилда туриб океан сувида ва китларнинг кўзларида акс этган машъал уларга нималар демоқчи эди?
Ва ўша кечаси компьютер олдида футуролог Роберт Борк ўтирган кўйи, бир ташвиш тортса, бир умидвор бўлар, бир умидвор бўлса, бир ташвиш тортар эди. Ва у океанда китлар орасида сузиб борар, китлар унинг ўзлари билан бирга сузишини билишар эди. Шундай қилиб, улар бирга сузишар эди, негаки унинг тақдири билан китларнинг тақдири борган сари бир-бирига пайваста бўлиб борар эди...
Жўш урган тўлқинлар орасида китлар қандай сузса, у ҳам океанда худди шундай сузар эди, узоқдаги машъалнинг нури китларнинг кўзларида қандай акс этса, унинг кўзларида ҳам шундай акс этар эди...
* * *
Москва вақти билан кечаси роппа-роса соат учда машҳур Кремль курантларининг ҳар сафар давлатнинг буюклиги ҳақида бутун дунёни огоҳ қилиб занг уриши билан жайдари бойқуш Спас минорасидаги уясидан учиб тушди-да Кремль девори бўйлаб соя янглиғ парвоз қилар экан, кенг қанотларини сассиз қоқар, тик боқадиган сеҳрли кўзларини ялтиратиб, улкан япалоқ бошини илғаб бўлмас даражада қимирлатиб борар эди. Бойқуш ҳар кечаси айни бир вақтда, атрофда тирик жон йўқ пайтда навбатдаги соқчилар роппа-роса икки юз ўн тантанали-маросимий шахдам қадам ташлаш учун Спас дарвозасидан чиқиб Ленин мақбарасига қараб юрган кезда учиб тушади. Мақбара бу ерда унинг, бойқушнинг кўз ўнгида қад кўтарди, ва у лаҳза сайин, кечаю кундуз йил бўйи, ҳар доим қўриқланадиган мақбаранинг эшиги оғзида маълум вақтгача ҳайкал сифат қаққайиб турган кўплаб ёш солдатларни кўрган.
Бутун майдонни у ёғидан бу ёғига кесиб ўтар экан, бойқуш ойдинда гранит либоси жилоланиб турган мақбара устида, сўнгра мақбаранинг орқа томонида, қарағайлар тагида, Кремль деворининг шундайгина ёнида давлат маросими билан дафн этилган дўкай раҳбарларнинг қабрлари устида бир неча бор айланиб учди ва одатда ярим кечадан ўтган сокин пайтда пайдо бўладиган ва қуйиб қўйгандай бир-бирига ўхшаш, ҳар иккаласи ҳам пакана, ҳар иккаласи ҳам хумкалла шу ерлик арвоҳларнинг, афтидан бу гал ҳам қадам ранжида қилмоқчи эмасликларига ишонч ҳосил қилгач, (қаерга йўқолиштийкин, яна айтишиб қолишмадимикин?!) постда тошдай қотиб турган соқчилар ёнидан шовқинсиз отилиб учиб нарироққа кетди. Бойқушнинг ҳафсаласи пир бўлди — Ҳар иккаласи ҳам пакана, ҳар иккаласи ҳам хумкалла арвоҳлар, ғийбатчи суҳбатдошлар, ажралмас икки дўст Қизил майдонда сайр қилиш учун, ҳаёт икир-чикирлари тўғрисида гап сотиш учун анча вақтдан буён келишмаяпти. Нариги дунёлик бу икки шахс бундан бошқа нима иш ҳам қилишсин?
Чиндан ҳам, улар гаплашишни, ўтмиш ҳақида, албатта сиёсат бобида суҳбатлашишни ўта хуш кўришарди. Шундай бўлардики, арвоҳлар қизишиб, жанжаллашиб қолишар, тортишишар, сўкишиб ҳам кетишар эди. Улардан бири жон-жаҳди ила иккинчиси билан энди ҳеч қачон учрашмаслигини, уни ёмон кўришини, кўрарга кўзи йўқлигини, унинг ёнига яқин келмаслигини сўзлар, иккинчиси эса бунга жавобан менинг борадиган жойим йўқ, ўлганингдан кейин тўкилган хазондай гапсан, шамол учирган томонга кетаверасан дерди. Оллоҳ таолонинг иродасига кўра, ана шу бир-бири билан чиқиша олмайдиган, тиниб-тинчимас шарпаларнинг нариги дунёдаги омонат ҳаётини фақат бойқушгина кўра ва эшита оларди... Бойқуш узоқ йиллар давомида уларга ўрганиб қолган, улар бўлмаса зерикиб қолар, ўзини бирор нарса етишмаётгандай ҳис қилар эди. Лекин бойқуш уларнинг борадиган бошқа жойи йўқ эканини, эртами, кечми қадам ранжида қилишларини билар эди. Мана, яқинда майдонда катта парад ва намойиш бўлиши керак, шуларнинг кетидан кечаси ҳаяжонга тушиб, кўрган-билганларидан кўзларини маст одамларникидай бақрайтириб шарпалар албатта келишади. Барабанларнинг гумбирлаган овози, ҳарбий саф музикаси, солдатларнинг майдон узра юракка қадаладиган қадам ташлашлари уларни ўта ҳаяжонга солади. Ҳарбий техниканинг шовқин-сурони-чи! Намойишлар, намойишлар шундай ҳаяжонга соладики — одамлар дарёдай оқади, бор овози билан қичқиришади, мақбара устида турганларнинг расмларини, шиорларни кўтаришиб шоду хуррам ўтишади. Ва оломон “ура-аа” деб қичқириб, уруғ қўйиш учун сузаётган балиқлардай калласи калласига теккундай бир томонга оқади.
Лекин шарпаларнинг кундуз куни, ёруғда пайдо бўлиши жоиз эмас, бўлмаса улар вақтнинг кечиш жараёни билан ҳисоблашмасдан, фанодан оний ҳаётга қайтиб келган, ишга киришиб кетган, ҳаяжонга тушган одамлар дарёси тепасидаги юксак мақбаранинг устки минбарида турган бўлур эди. Шундан сўнг буларнинг ҳаммаси бирдан стоп-кадрдагидай тўхтаган, ҳаракатсиз серрайиб қолган, овозсиз саҳнада тарихнинг тушуниксиз лаззатли завқ-шавқи ила абадийликка, мангуликка қотиб қолган бўлур эди. Кремль устидан гувиллаб учиб ўтаётган самолётлар ҳам, ҳаракатсиз тўхтаб қолган, ҳуркак кабутарлар ҳам осмонда туриб қолган ва порлоқ кўзлар ҳам, бақироқ овозлар ва ҳатто ҳаракатга келган пок фикрлар ҳам мия қатларида туриб қолган бўлур эди... Қуёш ҳам бир жойда абадийликка қотиб қолган бўлур эди...
Бегим кунлари, хусусан ҳаво айниган кезларда, сурункали ёмғир пайтларида, ер бағирлаб изғирин турган онларда — мақбара ёнидаги соқчилар оёқларига пийма этик, калиш, бошларига қулоқчин, қўлларига қўлқоп кийиб олган ва оғизларидан чиққан ҳовур кийим ёқаларига, елкаларидаги милтиқ-автоматларнинг оғизларига оппоқ қиров бўлиб қотиб қоладиган фурсатларда, хумкалла-пакана арвоҳлар, балки ҳаво айниганидан бўлса керак, вайсақи бўлиб бир-бири билан чиқиша олмай қолишади, кўпроқ бурчак-бурчакларга тиқилиб, ойга кўз қирини солар эканлар, бир-бирига гап қайтаришади, ана шундай маҳалларда бойқушнинг қулоғига асабийлашган овозлар тез-тез эшитилар эди: “Тушунтириб бўлмайдиган нарсаларни менга ишонтиришга уринма! Ўлимга даво йўқ, даво бўлиши мумкин ҳам эмас, ўлим ҳақдир. Мен ўлган эканман, абадий яшаб қолмоқчи эмасман, сохта ҳаётнинг менга кераги йўқ! Бу қачонгача давом этади?! Охири борми ўзи, тинчим ҳам йўқ, ҳаммаси жонимга тегди! Илгарилари ўйламаган эканман, энди бўлса нега туғилдим, мени онам нима учунгина туғди экан деган фикр калламдан чиқмайди. Мен туғилишни хоҳламаган эдимку! Энди бўлса мақбарага қамалиб қолганман. Буларнинг ҳаммаси сенинг ишинг! Бу сенинг иблисона, маккорона ғоянг! Бунга ҳеч қачон рози бўлмайман, ҳеч қачон, эсингда бўлсин”. Бунга шериги ўзининг бутунлай ўчиб қолган трубкасини осойишта тортар экан хириллаган овози билан жавоб берар эди: “Қулоқ сол, мен сенга кўп марта тушунтирганман. Бу партиянинг хоҳиши эди. Мен сенга айтганман: сен партияга бутун борлиғинг билан, кўргазмали қурол шаклида керак эдинг, тушуняпсанми, жаҳон инқилоби учун синфий қасам ичишлар учун керак эдинг, сен партияга ўлганингга қарамасдан ва ўлганингдан кейин ҳам керак эдинг. Сен инқилоб фиръавнисан, сени асрашади, авайлашади, сенга тош тобутингда таъзим қилишади!” — “Мен бўлсам буни мутлақо хоҳламайман! Мен қатъий норозилик билдираман! ҳеч кимнинг, мутлақо ҳеч кимнинг ўлим билан ҳисоблашмасликка ҳақи йўқ. Бу — бемаънилик”.
Бойқуш уларнинг тепасидан учиб ўтар экан, ҳанг-манг қолар эди – улар турфа олам ҳақида ғазабнок жанжаллашар эдики, бунақасини дунёнинг бирон гўшасида эшитмайсан...
Лекин бугун улар, ярим кечада пайдо бўладиган жанжалкаш шарпалар йўқ эди... Майдон холи эди...
Бойқуш Кремль қалъасининг кунгирадор девори устидан шув этиб учиб ўтгач, ўзининг улкан кўзлари билан бутун теварак-атрофни кўздан кечириб борди-да, бўм-бўш томлар устидан ўтиб сарой боғлари томон йўл олди. У бу ерда кузнинг қалин шох-бутоқлари орасида секингина “уҳ” тортди, тепалик устига чиққач пастда сокин оқаётган дарёнинг муюлишига, ухлаб ётган уйларнинг қоронғу томларига назар ташлади. Кўприк тагида дайди кўппак ангиллар эди. Совуқ еган бўлса керак...
Бойқуш бирдан хаёл суриб кетди, қулоғига кўз илғагис узоқ-узоқлардан, дунёнинг бир чеккасидан қандайдир товушлар эшитилгандай бўлди — океанда тун қўйнида китлар галаси сузар, тоғдай таналари билан баҳайбат тўлқинларни ёриб борар эди. Китлар атрофида океан суви гувиллар эди. Сув уларнинг сузишига монелик кўрсатар, лекин китлар парвойи палак қаёққадир шошилмоқда эди. Уларнинг вулқондай қайноқ нафасидан қандайдир ташвиш-хавотир сезилгандай эди.
Бойқуш Кремль тепалигида турар экан ер куррасида қандайдир воқеа содир бўлишини сезди. Ҳар доим шундай бўлган — дунёдаги ҳар қандай фалокати кабир олдидан китларни ташвиш-хавотир босар эди.
Кремль боғида бойқуш оғир хўрсинди. Тонг ёришмоқда эди...

Эртасига рўй берган воқеа Роберт Борк учун қандайдир кутилмаган нарса бўлмади, воқеаларнинг бундай кечишини олдиндан билиш мумкин эди. Лекин бунчалик кескин тус олишини кутмаган эди...
У эрталаб лекция ўқиш учун дорилфунунга кетаётганида ўзини хотиржам ва мамнун сезар эди. Кейинроқ эса...
Тушдан кейин Борк уйига қайтди. Йўлда машина рулида диққат-эътиборини бир ерга тўплай олмади. Тезроқ уйга бориб, Жессидан босимни ўлчайдиган ҳалиги аппаратни, ўша отинг қурғур ўша асбобни топтирмоқчи бўлди. Жесси баъзан ўзиники билан бирга Робертнинг ҳам босимини ўлчаб қўяр эди. Унинг соғлиги жойида, нолишга ўрин йўқ эди, босимини ўлчашга уринганда хотинининг инжиқликларига марҳамат юзасидан кулиб қўйиб рози бўларди. Энди эса соғлигидан хавотирлангандай ҳаммасини ўзи билиб олмоқчи бўлди. Тоби қочгандай сезди ўзини. У умр дунёсининг омонатлигини сезгандай ғалати бўлиб кетди. Ҳаёт қандайдир ўрнидан қўзғалгандай, шамолда қалқиб тургандай туюлди, кўп йиллардан бери таниш-билиш кишиларнинг кўзларида ва овозларида ҳам нимадир ўзгаргандай сезилди, эҳтимол унинг ўзида ҳам шундай бўлгандир?
Тез юришга мўлжалланган ва мукаммал жиҳозланган ўша ажойиб кенг йўлни ҳам ўзи яхши билмагандай ҳис қилди. Йўлда ҳам негадир хавотирга тушиб борар эди. Ҳамма нарса олдингидай эмас, бутунлай ўзгариб кетгандай эди. Ҳаммаси ўз ўринларида бўлса ҳам теварак-атрофдаги борлиқ гўё бошқача аҳамият касб этган... Бунинг боисини тушуниш қийин эди...
Жессининг машинаси уйининг ёнида турган экан. Борк буни кўриб бир оз ўзини енгил сезди. Демак, хотини ҳали репетицияга кетмаган экан.
– Хўш, ишлар қалай? — деб Жесси истиқболига чиқди. Унинг чеҳрасида ҳар доимгидай табассум балқир эди. — Яна бир нарса бўлдими? Нима учундир авзойинг ғалати. — Жесси эрининг юзига боқдию табассумли нигоҳи бирдан ўзгарди. — Тобинг қочиб қолдими?
– ҳечқиси йўқ. Жесси, тасаввур ҳам қила олмайсан, одамлар жинни бўлиб қолганга ўхшайди! — деди-да, портфелини диванга ташлади, пиджагини ечиб улоқтирди.
– Кофе ичасанми?
– Майли. Қўнғироқ қилишдими?
– Қилишди. Бу ҳақда кейинроқ гаплашамиз. Шаҳарда нималар бўлаётганини айтиб бер.
– Нималар бўляпти? Бўлгани бўляпти. Ваҳима. Ҳамманинг оғзида Филофей. Шунақа гаплар. Газеталар, радио ва телевидениени гапирмаёқ қўя қолай. Олағовур, ҳамма бунинг моҳиятини билиб олишга уринади.
– Ҳша маҳкамалардан телефон қилишди: “Си-эн-эн”, “Америка овози”, “Озодлик” радиоси. Мен сени кечроқ келади деб эдим. Гапиравер.
– Дорилфунунда бўлса қадам босиб бўлмайди, ҳамма оёққа турган. Кўчалар ёниб ётипди. Ҳамманинг оғизда фақат бир гап. Барчани ҳаяжонга солган воқеа ҳақида ҳамма бирдай гапирса ёмон бўларкан. Қаёққа борма, ғазаб тўла гапларни эшитасан. Гитлернинг майдонларда нима ишлар қила олганини, одамларни қандай кўйларга солганини энди тушундим.
– Эҳтимол сен ҳақдирсан. Ахир улар студентларку, нима демоқчисан. Ёш, қайноқ, ғайрати ичига сиғмайди. Бирдан Филофей чиқиб қолса? — Сенинг айтганингча бор. Эсимда, Кеннеди отиб ўлдирилган куни ҳам худди шундай бўлган. Бугун қанақангидир бебошлик, тартибсизлик, тўс-тўполон. Бировлар Филофей табиатнинг ботиний сирига бурнини суқди дейишади-да, кетидан бунинг тескарисини айтишади — текшириб бўлмайдиган қатағон сирларнинг ўзи бўлиши мумкинми? Бошқа бировлар — ташвишланишга арзимайди, самовий роҳиб орбитада туриб насиҳатгўйлик қилаверсин, бизга нима, уч пулга арзимайди дейди. Бор-йўқ гапи жиндай ҳуснбузар экан. Бунга жавобан луқма ташлашади: сен эркаксан, сенга сариқ чақалик экан, бўлажак боласи туғилишни хоҳламаган аёл шўрлик нима қилсин? Энди буёғи нима бўлади? Кассандра тамғасига қандай муносабат билдириш керак? Мавжуд воқеадан қандай кўз юмса бўлади? Учинчи бир хил одамлар куракда турмайдиган гапларни айтишади. Тўртинчи хил одамлар, бешинчи, ўнинчи хил одамлар ва ҳоказо. Ниҳоят, ҳаммалари айюҳаннос кўтаришади: генетик кодга бурун суқишнинг нима кераги бор — буни тақдири азал дейдилар, тақдири азал эса Худодандир. Одам минг-минг йиллардан бери тақдири азал билан яшаб келган, бирдан бизнинг иродамиздан ташқари нарсани тафтиш қила бошлашса... Шунга ўхшаш гаплар. Ҳаммасини айтиб адо қилолмайсан. Кимгадир бу уч пуллик нарса, бор-йўғи ҳуснбузар, кимгадир фожиа. Ҳа, айтиб охирига етиб бўлмайди. Энг даҳшатлиси – Кассандра ҳаракатга келди. Айтишларича, юридик факультетда ўқийдиган бир қиз лекция пайтида ойнага қараб туриб бирдан аудиториядан отилиб чиқипти. Унинг пешонасида ўшандай доғ — кассандра-эмбрион сигнали нишон берган экан. Бошқа бир воқеа бундан ҳам ўтиб тушипти. Йўлда ҳалокат юз берибди. Рулда кетаётган аёл машинада ўтириб кузатиш ойнасига қараса, пешонасида ўшандай хавфли доғ кўрингандай бўлибди. Яхшиямки, фалокат рўй бермабди.
– Э, Худойим-эй! — Жесси стулга чўкди. Ҳаммамизнинг бошимизга бало бўлди! Буёғи нима бўлади? Қандайдир йўл топиш керак-ку!
– Билмайман, Жесси, билмайман. Мендан нима хоҳлайсан? Бунинг устига, сен репетицияга боришинг керак. Қайтиб келганингдан кейин гаплашамиз. Юрагим ғаш.
– Репетицияга бало борми? Дунёда нима ишлар бўляпти-ю, репетиция дейсан.
– Бошланди энди!.. Сен ҳам чакки эмассан. Бутун бошли бир оркестр кутиб турса-ю, уйда Филофейнинг ваҳималарига қовурилиб ўтирсанг.
– Телефон қилиб касал бўлиб қолдим дейман. Ахир улар орасида ёши каттаси менман. Яқинда буви бўламан. Сен буни яхши биласан-ку.
– Менинг қисматим ҳам сеникидай, фарқи фақат мен эркак бувиман, — хотинини кулдиришга уриниб деди эри. — Чикагога Эриканинг уйига сен буви, мен бува бўлиб борсак, тоза омади иш бўларди-да! ҳозир бу ҳақда ўйлайдиган мавриди эмас, Жесси, репетицияни барбод қилма, бўлар бўлмасга.
Жесси ўйланиб қолди.
– Хўп, майли. Менинг яна ярим соат, ҳатто кўпроқ вақтим бор. Энди кишилар қандай йўл тутиши керак, улар нима бўлади? Эрика етти ойлик ҳомиладор. Унинг пешонасида ҳам Кассандра тамғаси нишон берган бўлса-я? Агар Эрика яқинда ҳомиладор бўлганда борми, мен кечалари умуман ухламаган бўлар эдим. – Жесси индамай қолди ва бир оз ўзига келгач, қўшиб қўйди: — Роберт, сенга кофе тайёрлаб кейин кетаман.
– Кофени ўзим тайёрлашим мумкин, сен жўнайвер.
– Йўқ. Айтганча, бошқалар қатори Ордок номидан Энтони Юнгер дегани телефон қилди.
– Юнгер? ҳа, эсладим. Хўш, у нима деди.
– ҳозир келиб айтиб бераман.
Хотини ошхонада буғ билан ишлайдиган ва шунинг учун паровоз деб аталадиган эски кофеқайнатгичда кофе тайёрлагунча Роберт Борк курсида ўтириб дам олар экан, шалвираган қўлларини ёнига ташлаб, гўё ўз уйида ётсираб қолди. У ҳатто гир-атрофга назар ташлади. Гўё биринчи бор кўраётган каби зилдай мебель тўла катта меҳмонхонага разм солди: Венециядан қачонлардир Жесси сотиб олган чилчироқ ва камин-печка устида катта ойна турипти. Рояль, виолончель. Ойнавон шкафда зарҳал муқовали китоблар (китобларнинг кўпчилиги иккинчи қаватда, кабинет ёнидаги кутубхонада сақланади). Ва бутун уй, ҳатто ўзи ҳам қандайдир бегонадай туюлди ўзига. Эски Венеция кўзгусига қарар экан, ўзининг кексайиб қолган полвон оқ ёл отдай суяклари туртиб чиққанини сезди, у ўзининг ўтмиш ҳаётини, ўз ҳаёти билан боғлиқ нарсаларни, ўзини, ўзининг ҳар доим ғайриоддий фикрлар билан банд эканлигини кўз олдига келтирди. У ўйланиб қолди: «Наҳотки менга кўп нарса керак бўлса, нега мен чиндан ҳам замон охир бўлгандай бунчалик куйиб пишаман? Эҳтимол, энди мен номаълумликка шўнғиб кетишим учун менинг бутун ўтмиш ҳаётим шунчаки дебоча бўлгандир. Махфий эшикни ахтарган кўрдай тимирскилашим керакми? Футурологияга ёпишиб олиб ҳар ҳолда иши юришган олим сифатида тинч-тотув яшаб нимага эришдим? Ниҳоят самодаги Филофей сиймосининг менинг тақдиримга таъсирини олайлик. Бу нима? ҳақиқат ғалаба қилган лаҳзами? Интиқомми? Шундаймикин? Филофей мен учун ким? Ўйлаб кўрса, ҳеч ким эмас. Нега бўлмаса мен тиниб-тинчимайман? Демак, унинг менга дахлдор жойи бор экан-да? Баъзан китлар тушимга киради, энди бўлса...»
Бу фикрлар, шубҳалар уни тарк этмас эди. Нима тўғрисида ўйламасин самовий роҳиб кашфиётлари эсига келаверар эди. Ҳамма-ҳаммасини — бундан олдин бўлган воқеа-ҳодисаларни ҳам, ундан кейин рўй берган нарсаларни ҳам қиёслашга тўғри келди.
Жесси кофе олиб кирди. Гап яна олдинги мавзу атрофида айланди. Роберт Борк асарларининг шайдоси Энтони Юнгер президентликка номзод қилиб кўрсатилган Ордокнинг қўмондаси номидан дорилфунунга, Боркка телефон қилмоқчи бўлган экан, лекин уни топиша олмабди. Шундан сўнг куннинг иккинчи яримида яна қўнғироқ қиламан дебди. Жесси унга Боркнинг ўзи телефон қилса бўлмайдими деб сўраганда, Юнгер: “Мени топиш қийин, югуриб-елиб юрибман, бугун бизларнинг беҳаловат кунимиз, Ордокнинг сайловчилар билан учрашуви тайёрланяпти, шундан сўнг катта матбуот конференцияси бўлади, умуман ташвиш кўп, Борк билан гаплашишни жуда-жуда хоҳлар эдим” депти. Яна: “кўпдан бери гаплашмоқчи эдим, энди бунинг учун баҳона топилди. Илтимос, айтиб қўйинг, менда кўп маълумотлар ва саволлар бор. Албатта қўнғироқ қилмоқчиман”.
Жесси репетицияга жўнаб кетгандан кейин кўп ўтмасдан телефон жиринглади. Бу ўша Энтони Юнгер эди.
– Мистер Борк, биз билан сизнинг Филофей исмли умумий дўстимиз бор, шундай эмасми, биз ҳозирча бахтга қарши телефон орқали танишдик, бу танишиш умуман олганда Филофейнинг маслаҳати билан бўлди.
– Тўғри. Ўша самовий роҳиб энди бизнинг ҳаётимизда катта роль ўйнайди.
– Гап ана шу ҳақда кетаётир-да, мистер, Борк. Бу бошқалардан кўра сизга кўпроқ маълум бўлса керак деб ўйлайман. Энди воқеалар жараёнининг қандай кечишига, русча қанотли ибора билан айтганда, тарих ғилдирагининг қандай айланишига боғлиқдир. Мақтаниб қўйишим мумкин, ахборотингиз учун русчани ёмон билмайман. Борди-ю шу жиҳатларим билан сизга фойда келтира олсам, мамнун бўлар эдим.
– Ҳа, буниси яхши, — деди Роберт Борк ҳайратомуз жавоб қайтариб ва Энтони Юнгернинг ўзига бўлган ишончига ва овозининг жарангдорлигига қойил қолиб. “Анча ғайратли йигит кўринади!” — ўйлади у.
– Ёши нечаларда экан? — Мен ҳам Горбачев даврида Россияда бўлганман: — деди рус мавзуига жавобан. — Москва, Ленинград, Киев. Айтмоқчи, Энтони, сиз неча ёшдасиз? Шунчаки гап келганда сўраяпман.
– Марҳамат! Улуғсифат бўлиб кўриниш учун — ўттиз ёшдаман демоқчи эдим, энди, аниғини айтаман — йигирма саккиз ярим ёшдаман, — деди у. — Ақл кирадиган вақт кепти. Яна нима дейиш мумкин? ҳаёт ва билимнинг бошқа қутби бўлмиш Москва менга кўп нарса берди, лекин кэгэбега хизмат қилмаганман. Бошиданоқ айтиб қўяй.
Америкада кенг тарқалган бу ҳазилга ҳар иккаласи ҳам кулиб юборди.
– Кечирасиз, Энтони, ёшингизга қараганда сиз менинг ўғлим тенгисиз. Бунга қизиқишимнинг боиси шуки — гап жиддий масалалар устида кетганда суҳбатдошнинг ёшини билиб қўйган яхши.
– Мен ҳам шундай деб ўйлайман. Сиз ҳақингизда ҳамма нарсани билиб олдим десам бўлади. Сизнинг китобларингизни ўқиганман, кейинги вақтда “Жаҳоншумул уйнинг тўққиз эшиги” номли мақолангизни қайта-қайта диққат билан ўқидим.
– Ҳа, бу футурология соҳасида бутун дунёда баён этилган ғояларни таҳлил қилишга уриниш эди. Раҳмат, бошим осмонга етди, — жавоб берди Борк.
– Мен ўзим, сизга айтсам, академик услуб билан айтганда, тушуниб бўлмайдиган нусхаман, — деди Энтони киноя аралаш, — билим резгиларидан ясалганман, фалсафадан тортиб илми нужумгача барча соҳага тиришиб-тирмашиб ёпишганман, қачонлардир космосни орзу қилганман. Касаба уюшмаси ишлари билан ҳам, журналистика билан ҳам шуғулланганман. Оливер Ордок билан яқинлигим шундан. У популизмга умид боғлаган, унинг кучи ана шунда. Сайлов олди пойгасида энди унга ёрдам бериш керак. Биз ёрдам беришга ҳаракат қиляпмиз ҳам. Унинг қўмондасида оммавий ахборот воситалари билан шуғулланаётирман. Масалан, шу бугун уч соатдан кейин “Альфа-Бейсбол” спорт залида сайловчилар билан катта учрашув бўлади. Одам деганингиз денгиз, бевосита телевидениеда кўрсатишади. Шундан кейин кечқурун — матбуот конференцияси бўлади, бу ҳам бир неча каналда бевосита телевидение орқали кўрсатилади. Буларнинг ҳаммасини сизга бекорга гапириб бераётганим йўқ, мистер Борк. Эҳтимол, бизнинг, яъни Ордокнинг ишлари қайси соҳаларда яхши кетаётганини, қайси жабҳаларда оқсаётганини билиш сиз учун қизиқарлидир. Кечирасиз, сизнинг вақтингиз борми, мен сизни гапга тутиб қолмадимми?
– Йўқ, қулоғим сенда, Энтони.
– Шу муносабат билан менинг нимага эътибор бермоқчи эканлигимни билиб қўйсангиз. Эрталаб биз ҳаммамиз йигирма чоғли одам — ёрдамчилар, экспертлар ва бошқалар Ордок кабинетида йиғилдик, у энг аввал самовий роҳибнинг мактуби юзасидан кеча сиз билан телефон орқали узоқ суҳбат қилганлиги ҳақида ахборот берди.
– Ҳа, гаплашиб эдик, — тасдиқлади Роберт Борк.
– Ҳамманинг дилида ва тилида бўлган нарсалар юзасидан Ордокнинг сиз билан маслаҳатлашгани зўр бўпти. У борган сайин кўпроқ шуҳрат қозонаётган сиёсатчи, лекин ҳечам пайғамбар эмас ва...
– Энтони, азизим, — унинг гапини бўлди Борк. — Биламан, менга мурожаат қилишни Ордокка сен шипшитгансан. Лекин мен ҳам пайғамбар эмасман. Мени ҳаммасини бир зумда фаҳмлаб оладиган одам деб ўйлайсанми? Шу барча масалаларни ипидан игнасигача тушуниб олишимга ёрдам берса, хоҳлаган одамга мурожаат қилишга тайёрман. Сен бу масалаларнинг ҳаммасини биладигандай менга телефон қиляпсан. Мен ўз мулоҳазаларимнинг шубҳасизлигига кафолат бера олмайман. Буни назардан қочирмаслик керак.
– Шундай экан мен мамнунман! — Энтони Юнгер Боркни ўз жавоби билан ҳам ҳайратга солди. Ва унинг овози ёқимли жаранглади.
– Сен нимадан мамнунсан?
– Сезгирлигим панд бермаганидан. Ўз элидан пайғамбар чиқмайди деган матал бор, лекин шунга қарамасдан, мен яна бир марта амин бўлдим-ки, президентлик курсисига даъвогар бўлган сиёсатдон дастлаб сиз билан, сизга ўхшаган мутафаккир билан маслаҳатлашиши керак экан. Ордок бугун бутун бир стадион тўла одам олдида нутқ сўзлаши, саволларига жавоб бериш керак. У бир қоп афкор оммани ўзига қаратиб, елкасига кўтариб кетадими-йўқми, гап унда эмас. Муҳими шуки, сизнинг қарашларингиз шу йўл билан омма мулки бўлиб қолади. Мен буни эрталаб бизга Оливер Ордок айтиб берган сўзларга қараб гапираётирман.
– У нима деган экан?
– Умуман, мен шундай тушундимки, у сизнинг фикрингизга суяниб Филофейнинг кашфиёти бор нарса, у билан барча одамларнинг, жамиятнинг барча табақалари, барча қитъалардаги одамларнинг ҳисоблашмаслиги мумкин эмас деб шарҳлашга мойил. Шундай эмасми? Менимча шундай. Ордок тахминан шундай деди.
– Бунинг бор нарса эканлигини маълумот учун қабул қилиш — бу бир гап, бу бошланғич нуқта. Хўш, ундан кейин-чи? Кассандра-эмбрионларнинг пайдо бўлишига олиб келган ва олиб келаётган сабаблар нима бўлади? Ижтимоий, тарихий, психологик жабҳаларда-чи. Бу соҳада саволлар тўлиб-тошиб ётипти.
– Сиз ҳақсиз, мистер Борк, — деди Энтони ва яна нималардир демоқчи, ўзининг хайрихоҳлигини билдирмоқчи эди, лекин Борк яна тилга кирди:
– Бу ҳодиса менинг бутун борлиғимни қамраб олди, ҳатто шундай туюладики, мен кечаги одам эмасман, ва ҳаётнинг мағзини қайтадан чақишим керак, лекин мен умрнинг тугаётганини ҳам унутмаслигим жойиз. Филофей кашфиёти инсон тақдири масаласига доир бизнинг олдинги фикрларимизни йўққа чиқаради. Биз илгарилари тан олмаган нарсалар ошкор бўлиб қолди. Тараққиёт, цивилизация бор жойда салбий нарсалар ҳам бўлиб туради деб ўйлардик. Дарахт кессанг, пайраха учади. Русларда шундай матал бор.
– Ҳа, бу матал жуда машҳур. Масалан, Сталин оммавий репрессияларни шу матал билан оқламоқчи бўлган. Гапираверинг, мен жон қулоғим билан эшитяпман.
– Мана шундай гаплар. Мен нима демоқчи эдим? Филофей кашфиёти шуни кўрсатдики, кўрсатганда ҳам шафқатсизлик билан очиб ташладики, одамлар бутун тарих давомида, авлоддан авлодга мунтазам суратда бир-бирларини қийнаб жонларини олиб келишган, оқибатда инсоният яшаб келган дунё кўп нарса йўқотган; ўзларининг тарихий такомил топиш йўлида қўлга киритиши мумкин бўлган жуда кўп ютуқлардан маҳрум бўлишган. Умумий тарзда айтганда, манзара ана шундай. Барча узлуксиз урушлар, жумладан шонли урушлар деб ном олган урушлар, барча инқилоблар, ғалаёнлар, қўзғолонлар, жиноятлар, ҳокимларнинг шафқатсизлиги, таълимот ҳамда мафкураларнинг зулумкорлиги — буларнинг ҳаммаси, кишиларнинг ҳаётини, тақдирларини мудом чил-парчин қилиб эгиб эзиб турадиган, халқларда бир-бирларига нисбатан нафрат уйғотадиган, одамларни очкўз махлуқларга айлантирадиган жамики воситалар, буларнинг барча-барчаси Филофей кўзи билан қараганда борган сари кўпайиб кетаётган кассандра-эмбрионларнинг нидосиз норозилигида ўз ифодасини топмаганмикин? ҳаётдан бош тортиш охирзамон нишонаси эмасмикин? Нима бўлди денг: узил-кесил ишонилмаган афсона — охирзамон тўғрисидаги афсона ҳаёт тақозоси билан бор нарса бўлиб чиқди. Шу бугун кечаси бошлаган мақоламда шу ҳақда ёзяпман. Оливер Ордок Филофейга ва унинг кашфиётига ўз нуқтаи назари билан қараши мумкин, лекин нима бўлганда ҳам Ордок ҳам, унинг командаси ҳам – Ҳаммамиз қандай мураккаб вазиятга тўғри келиб қолганимизни англаб олмоғимиз лозим. Мен кеча Ордокка тахминан шундай дедим.
– Бугун ҳам, кеча ҳам сизни телефонда узоқ вақт банд қилиб қўйиб яхши қилмадим. Лекин бундан ўзим мамнунман — билмоқчи бўлган нарсаларимни билиб олдим. Сизнинг фикрингизга қўшиламан, албатта, Филофей назариясида ҳали ўйлаш керак бўлган жиҳатлар кўп. Ҳар қандай бўлганда ҳам у бизнинг олдимизга мисли кўрилмаган масалани қўйди. Ҳамманинг олдига, бутун инсоният олдига! Мана буни шахс дейдилар! У коинот калитини бураб юборди! Кечирасиз, агар барча ўтмиш замонларнинг жабрини биз тортгудай бўлсак, — шундай бўладиганга ўхшаб қолди ўзи, — сизнинг иборангиз билан айтганда, очкўз мавжудотлар, яъни бизлар, ҳаммамиз ва биздан олдин ўтганларнинг гуноҳи кабиралари касрига биз қоладиган бўлсак, бизлар ўзимизга ўзимиз норозилик билдирмасак ким норозилик билдиради?! Шу нарса аниқландики, ёвузлик уни ижро этган кишилар билан биргаликда изсиз, жавобсиз кетмас экан, балки ирсиятнинг қайси бир хампаларида талай вақтгача сақланиб турар экан. Бундан чиқадики, эртами-кечми кимдир ҳаётидан воз кечиб ўшанинг касрига қолар экан?!
– Ҳа, шундай бўлиб чиқаётир, Энтони. Гап шундаки, эзгулик билан ёвузликни бир шоданинг доналари деб ҳисобласак ҳам, уларнинг нисбати тўғрисида кам ўйлаймиз. Ёвузликнинг устунлик қиладиган куч экани тўғрисида, ёвузликнинг бизнинг туб моҳиятимизни, бурчимизни хонавайрон этиб, доимо барбод қилиб туриши, бизнинг умумбашарий қадриятларимизни кўкка совуриши ҳақида, одамнинг ҳозиргига нисбатан бутунлай бошқа сифат касб этиши учун яшашнинг янги усулларини ақлнинг билиб олишига ёвузликнинг йўл бермаслиги тўғрисида кам ўйлаймиз.
– Мистер Борк, одамлар жисмоний жиҳатдан бизга ўхшагани ҳолда сифат жиҳатидан бошқа интеллектга, заковатга эга бўлиши, бутунлай бошқа хулққа эга бўлган мавжудотларга айланиши мумкинмиди?
– Айланганда қандай. Биз ҳаммамиз ўз ёғимизга ўзимиз қоврулиб келдик, биз бутун Коинотда бирдан-бир ақлли мавжудотлар эдик. Ҳеч қандай маҳлуқлар билан рақобат қилмадик. Шундай экан, бизда бошқа маънавий эволюция, тамомила бошқа тараққиёт бўлиши мумкинмиди? Бу ҳақда қанчалар ўйлаш, мунозара қилиш мумкин. Лекин шуниси ҳақиқатки, биз фан ва техника тараққиётида ҳам ҳар қанча ютуқларга эришмайлик, ҳаммамиз, афсуски, бир-бирларимизни ямлаб ютадиган йиртқичлигимизча қолаётирмиз.
– Афсус, минг афсус. Демак, самовий роҳиб бизни генетик жиноят устида тутиб опти-да?! Лекин, ҳар қанча калтафаҳмлик бўлмасин, айтайки, бизнинг ҳозирги аҳволимизга нисбатан бошқачароқ бўла олмаганимиз менга алам қилади. Мистер Борк, ана шу фикрда бизларни мазохистик кечинмалар сари элтадиган одатий идеалистик оҳанг йўқмикин?
– Албатта бор, чунки мазохизм — чўлда туриб дарахтзор йўқ экан деб шикоят қилиш демакдир.
– Ана шундай дарахтзор йўқ бўлса, бундан кейин ҳам бўлмаса, сиз нимани таклиф қилган бўлур эдингиз.
– Фақат бир нарсани — ақл боғ-роғларини барпо қилишни.
– Бу нима дегани?
– Бу нима дегани? Сен тутган жойидан узадиган журналист экансан! Филофей кашфиётлари нуқтаи назаридан бу фақат бир нарсани англатади: кассандра-эмбрионларнинг сигналларига қулоқ солиш, Кассандранинг ҳар бир белгисини огоҳлантириш деб қабул қилиш. Бизнинг қалбимизда етилиб келаётган ҳис — ёруғ дунёга келишдан қўрқинч ҳиссини фақат шу йўл билан тўхтатиш мумкин. Генетик ҳалокатнинг яқинлашиб келаётганини ҳар бир киши, умуман инсоният билиб-тушуниб олмоғи зарур. Мен “Трибюн” учун ёзаётган мақоламда худди ана шу ҳақда гапираман. Кечирасан, Энтони, телефонда ҳаммасини айтиб бўлмайди. Қисқаси, инсониятнинг келажак авлодлар олдидаги масъулияти бундан буён янги мазмун олажак, эҳтимол, бу эволюциянинг янги бир даврасидир. Кеча Ордокка ҳам тахминан худди шундай дедим. У ҳам ташвишда.
– Ҳа, мистер Борк, бу сафар бизнинг Ордокка яна шунинг учун ҳам қийин бўладики, бу вазият унинг сиёсий репертуаридан эмас. Ордок каби сиёсатчиларни мен яккама-якка курашувчи сиёсатдонлар дейман. Ордок кўз олдида рақиб бўлса, ишонч билан курашади, ўшанда ҳужумга ўтади, бу ҳамманинг кўз ўнгида бўлиши керак. Тор доирада у ҳатто “зарурий душман” тушунчасини ишлатади. Ана шундагина у ўзини ғолиб сезади. Буниси эса қандайдир мавҳумлик!
– Унчалик эмас, Энтони. Ана шундай мавҳумлик кўз очиб юмгунча аниқликка айланиши мумкин. Аниқлик бўлганда ҳам қатъий аниқликка айланади. Чунки бунда гап одамларнинг ҳаёти тўғрисида боради.
– Ҳа, албатта. Мен Ордокнинг психологик хусусиятини айтиб қўймоқчиман, холос. Лекин бу айни вақтда унинг сиёсий ҳаёти шакли ҳамдир. Бу шунчаки гап. Мен сўзимни тугатяпман, мистер Борк, айбга буюрманг, сиз билан гаплашган сари одам хумордан чиқади. Менга қўнғироқ қил дея кўрманг, осонлик билан қутула олмайсиз.
– Яхши, яхши, Энтони. Зарурият бўлиб қолса, нега гаплашмаслик керак экан.
– Хайр, мистер Борк. Телевидениеда “Альфа-Бейсбол”даги митинг соат олтидан саккизгача, “Шератон” меҳмонхонасидаги матбуот конференцияси — соат тўққиздан ўнгача — марҳамат қилиб кўринг.
– Раҳмат. Ҳаракат қиламан...

О л т и н ч и б о б

Ўша йилги кузни рассом рангли қилиб чизганда картинада шаффоф осмон, ранг-баранг хазонрезги, шаҳар чеккасидаги уйларнинг томлари устида айланиб учиб хайрлашаётган келгинди қушларни кўрган бўлур эдингиз... Теварак-атрофда ўйнаб юрган болаларнинг шўх овозлари қулоққа чалинади. Ўша қуёшли кун барча тирик жонга сокинлик, хотиржамлик ато қилган эди...
Ўша мўъжизакор кун ҳам бошқа кунлар қатори тугаган бўлур эди ва ҳаёт маромига ҳеч нима монелик қилмаётгандай эди. Лекин ҳозирча пинҳоний, ҳали пишиб етилмаган, кейин ўзини кўрсатиш учун мудом жамғарилаётган электрдай аллақандай ҳодиса яқинлашаётган эди. Бунинг учун одамларнинг бир жойга тўпланиши тақозо қилинар эди. Одамлар қанча кўп тўпланса, қанчалик зич ва қалин бўлиб, қайноқ нафас оладиган яхлит оломонга айланса, шунча яхши.
Роберт Борк соатига қараб-қараб қўяркан, ўзини Ордокнинг сайловчилар билан бўлажак учрашувини ҳаяжон билан кутаёгандай, президентлик курсиси учун курашиб, нутқ сўзлайдигандай, газетчилар таъбири билан айтганда, шу пайтни қўлдан бой бермаслик ниятида гўё омманинг ишончи ва мададига эришиш учун шахсан курашадигандай ҳис қилди. Борк нима учун, нима сабабдан шу қадар ҳаяжонланаётганини ўзи ҳам билмас эди. Аслини олганда жиддий бир воқеа содир бўлаётгани йўқ — сайловолди кампанияси жараёнидаги сийқаси чиққан тадбир, вассалом. Бу ҳақда ўйлашга арзирмикин? Бўлар-бўлмас воқеага куйиб-пишишга, ўзига ҳеч алоқаси йўқ нарса учун хавотирга тушишга арзирмикин? Жиннилик-ку бу! ҳимоячи йўғийди-я.
Лекин у ўз устидан қанчалик кулмасин, мияси гангиб қолди, ўзини қўйишга жой топмас эди. Унинг уйдан чиқиб тошлар боғига боргиси келаверар эди — бу ерда уёқ-бу ёққа юриб, ёки қумга сеҳрли белгилар чизиб, очиқ деразадан келиб турган куйни эшитишни хуш кўради. Ҳозир ҳам радиодан мусиқа эшитди. У мусиқадан, Бетховеннинг симфониясидан, унинг қудрати ва коинотшумуллигидан таскин топар, мусиқанинг ўзини овунтиришига, ўз оламига, ўзгача кечинмаларга чорлашига, ҳар галгидай жиловсиз фикр ва хаёлларга ундашига ишонар эди. Унинг тан олишича, мусиқа — қуёш энергиясининг сон-саноқсиз ўзгарган шаклларидан бири, у коинот қаъридан чиқади, бастакор эса радарга ўхшаб коинотдан келган мусиқани тутиб олади, унга сайқал беради, уйғунлаштиради, муайян оҳанг бахш этади. Бошқача айтганда, мусиқа — очуний Бўшлиқ ва Вақтнинг товушдаги акс садосидир. Ўзининг ана шу кашфиётларини ҳеч кимга айтмаган, акс ҳолда одамлар уни мазах қилишган бўлур эди. Ҳатто Жесси ҳам бундан бехабар. Унинг яна бир назарияси ҳам бор эди, уни ҳам сир сақлар эди: мусиқа одамларга инсон умрининг ўлгудай қисқалиги учун мукофот қилиб берилган деб ўйлаб қоларди. Одам мусиқани эшитаётганда руҳан мусиқага шўнғиб кетади, вақтнинг инсонга номаълум категориясига киришади, у абадийлик оқимига қўшилиб кетади ва унинг умри узаяди, абадийлик билан тўқнашиб чўзилади, эҳтимол, бир неча ўн йилга, бир неча юз йилга ва кўпроққа чўзилади, чўзилганда ҳам узунлик ўлчовларида эмас, балки табиати ҳали аниқланмаган ўлчовда чўзилади. Эҳтимол, бу ўлчов моҳияти ҳеч қачон аниқланмас.
Бироқ бу сафар Борк шунга ишонч ҳосил қилдики, мусиқани ана шундай тушуниш учун муайян мойиллик, кайфият, масалан, ибодат олдидан, денгизда сузиш олдидан одам ўзида қандайдир мойиллик, кайфият сезгани каби... Бунинг устига Жесси репетицияга ҳаяллаб қолди. Ҳозир транспорт ишида тиғиз пайт ва машинаси йўлларда тиқилиб қолган бўлиши мумкин. Борк бўлса уйда ҳам ўзини тиқилинчда қолгандай ҳис қилди. Иши юришмайди, у шошилинч тугатиш керак бўлган ишга қўл ҳам урмади. “Трибюн” эса ваъда қилинган мақолани олиши керак эди. У бўлса газета саҳифаларидаги сенсация имиллашни хуш кўрмаслигига ақли ета туриб бугун ўзини компьютерга ўтиришга мажбур қила олмади. Жуда бўлмайдиган бўлса яна кечаси ишлайман, газетага панд бермайман, деб ҳам ишни орқага сургай берди. Ранж чекди, ўзини у ёқдан бу ёққа ташлади ва шу билан бирга матн шаррос ёмғирдан сўнг бўй чўзган майсадай етилганини тасаввур қилиб олдин мамнун бўлди. Унинг миясида мақола матни пишиб етилди. Мақола тайёр бўлган эди деса бўларди.
Лекин у гўё ўзига алоқаси бўлмаган нарсани бутун диққат-эътибори билан кутиб тургандай қўлини совуқ сувга ҳам урмади. Шаҳарнинг энг гавжум қисмида, ҳар хил одамлар лиқ тўла бўладиган машҳур спорт залда ўтказиладиган ўша улкан сайловолди митинги нима учундир худди ўзининг ён-верида, айвонда, гулхоналарда, тошлар боғида ўтиши керакдай туюлди унга. Оломон унинг уйини ёппасига ўраб олиб, нафасини бўғиб қўядигандай сезилди... У ўзини алаҳлайдиган жинни деб атади. Бунақангиси тушга ҳам кирмас.
Борк у ёқ-бу ёққа юрар, бир уйга кирса яна ташқарига чиқар, соатига қараб қўяр, мусиқага чала-чулпа қулоқ солар, телефонга умуман жавоб бермас, лекин ўзи телефон қилиб турар эди. Меҳмонхонадаги катта телевизорнинг ёнига бормас, вақтлироқ томоша қилишни хоҳламас эди; кўпдан-кўп каналлар орқали нималар намойиш қилинишини кўзни юмиб турибоқ айтиб бериши мумкин — ўша бетартиб телекўрсатувлар... Жессидан ҳамон дарак йўқ.
Боркнинг юраги қандайдир нотинч эди, фикрини тўплай олмас, лекин миясига жиддий фикрлар ҳам келиб қоларди. Дорилфунундаги суҳбатларда, “Трибюн” журналистлари билан бўлган мулоқотларда ҳам самовий роҳиб Филофейнинг мурожаати нима учун шахсан Рим папасига йўлланганлиги масаласи тилга олинмади. Шуни тушуниш қийин эмас эдики, папанинг ўзи ҳам жуда қийин аҳволга тушиб қолган эди — нима қилмоқ керак, қандайдир қаллоб роҳибнинг ўта ғайриодатий, совуқ деса ҳам бўладиган мурожаатига матбуотда жавоб бериш керакми, жавоб бериш лозим бўлса, нима дейиш керак?
Роберт Борк кассандра-эмбрионлар муаммоси ҳамма жойда муҳокама ва мунозара қилина бошласа, турли динларда фавқулодда ғалаёнлар бошланишини яққол кўз олдига келтирди. Филофей кашфиётлари йўлидаги хавфлардан бири ана шунда эди.
Ахир, динлар Худога етишиш орзусида инсон руҳи азалий ғайратининг азоб-уқубатларини ҳам, завқ-шавқини ҳам ўзида мужассамлаштириш баробаринда маълум даражада бу ўринда писмиқлик ҳам қилади — Худо ўз йўлига; Худо ҳамма учун битта деб тан олинади, лекин ҳар бир динда кўп нарсалар ўзиники ва ўзганики деб фарқ қилинади, бир диндаги қадриятлар билан бошқа диндаги қадриятлар бошқа-бошқа, қайнатилса қони қўшилмас ҳисобланади. Ҳақиқатга етишиш учун ўз мавқеларини мустаҳкамлашда турли диний таълимотларнинг ғаразгўйлиги, нафсониятга берилганлиги, худбинлиги ана шундан, бу эса дунёдаги руҳонийлар орасида қарама-қаршиликлар туғдиради, ўз навбатида, диндор омманинг бегоналашиб, бир-бирини тушунмай қолишига олиб келади. Балки худди шунинг учун ҳам ҳар бир динда, фараз қилди Роберт Борк, ҳар қандай ҳолатда ҳам Филофейнинг кашфиётини албатта ўз фойдасига буриш учун ҳаракат қиладиган муайян кучлар топилади, улар ёки ўзини самовий роҳибни билиб билмаганга солиб қўя қолади ва шундай йўл билан сиёсий капитал жамғаради ёки динни авж олдириш ва динчиларга ўз таъсирини кучайтириш мақсадида Кассандра тамғаси кашфиётини ўз таълимотларига бўйсундиради.
У дастлаб йўлакайига, кейинроқ эса тобора кучлироқ миясига қуйилиб келган фикрлар — турли мамлакатлар бўйлаб қилган сафарларида, хилма-хил халқаро илмий конференцияларда хуруж қилган мулоҳазалар ҳақида яна ўйлаб кетди, бироқ бу фикрларни ошкор айтишга журъат этмас эди. Борди-ю Ер куррасидаги ҳар бир одам барча динларга бир хил даражада эътиқод қилганда, борди-ю инсонга ҳамма динга тенг дахлдорлик ҳуқуқи берилган бўлганда — агар у Худога ишонар экан — барча мавжуд динларга баб-баравар ва бир хил мақомда эътиқод қиладиган бўлса, бошқа дин-эътиқодларни инкор этадиган қандайдир айрим черков ёки мазҳабнинг мухлиси эмас, балки дунё динлари уюшмасининг аъзоси бўла олса ва барча динлар томонидан ҳеч сўзсиз тан олинса, ўзини айни вақтда ҳам христиан, ҳам мусулмон, ҳам буддойи, ҳам яҳудои деб ва шу каби бошқа динлар мухлиси деб ҳисобласа, у ҳар бир динни севса ва ҳурмат қилса, уни ҳам барча динлар тан олса, у уларнинг мазҳабий, тарқоқ ғоялари ва нормаларини эмас, балки умумдиний ғоя ва ақидаларини бемалол қабул қилган бўлса, одамларнинг, ҳар бир шахснинг ҳаёти қанчалик қайта қурилган бўлур эди? Ўшанда улкан шаҳарларда ва аҳоли зич яшайдиган мамлакатлардаги хил-ма-хил ва мазҳаб-тариқатлар аралаш бўлган жамиятларда одамлар орасида учрайдиган яширин ва ошкор диний ғов-лар барҳам топган бўлур эди. Агар шундай бўлганда ин-сон ҳаёти анча енгиллашган, уйғунлашган бўлармиди? Одам-зод истиқболига барча динлар якка-якка ҳолда ва бир-би-рини туртиб эмас, балки биргаликда чиқадиган вақт, шун-дай тарихий давр келмадимикин? Ўтмиш авлодлардан фарқ-ли ўлароқ йигирманчи аср охирларида яшаётган одам — барча динлар меники ва мен барча динларнинг мухлисиман, мен барча динларнинг барча ибодатхоналарига кириб тураман, ва барча ибодатхоналарда азиз зиёратчиман дея олсин... Мен христианлардан тавваллуд топганман, мени чўқинтиришган, мени Қуръон тиловат қилиб кўмишади, бугун православлар орасида православ эдим, кеча мусулмонлар орасида мусулмон эдим, Японияда Буддага ибодат қилдим, Швецияда Лютер қасидаларига жўр бўлдим... Ўзимнинг Худога эътиқодимда мен ҳеч кимга ёт эмасман, бизнинг яратган Тангрига барча тилларда ва шеваларда қилинган ибодатларда мен учун ёт ибодатлар йўқ. Ҳаммамизга баравар эътибор билан қарайдиган, бизнинг ёвузликларимиздан бир хилда қийналадиган ва бизнинг ақл-идрокимиз ва эзгу ишларимизга қараб ҳаммамизга баравар коинот эшигини очиб қўядиган Тангрига ибодат...
Динлар уюшмаларга бирлашишса мавжуд динларнинг биронтасида ҳам Худо ғояси заифлашмаган бўлур эди, аксинча, динлар кўпқиррали, ошкор ва устувор хусусиятга эга бўлар, энг муҳими — ажойиб назариялардагина эмас, балки хатти-ҳаракатларда ҳам динларнинг туб моҳияти инсонпарварлик негизига қурилган бўлур эди.
Борк сўзсиз билар эдики, бу ғалати ғоя, балким, келишмаган ғоядир, бу ғоянинг амалга ошиши эҳтимолдан узоқдир, у ҳақда фақат ўзи учун ва ичида ўйлаш мумкин, тақводор диндорларнинг иззат-нафсини оғритмаслик, уларнинг ҳаётий диний тарзига тил тегизмаслик учун, бундай ғоя одамларни руҳий ҳаяжонга солиш мумкинлигини билиб, ана шундай умумбашарий миқёсдаги фикр-мулоҳазаларда жуда эҳтиёткор бўлмоқ керак.
Худди ана шу мулоҳаза футуролог Боркни ўз ичида сақлаган ғояни эълон қилиш шаҳдидан қайтарар эди. Ҳатто тилининг учига келиб турганда ҳам, диний космополитизмнинг долзарблиги ҳақиқатнинг ўзидай, одамлар ва динларнинг янги руҳий мулоқотининг мутлақо зарурий моделидай кўриниб турганида ҳам оғиз очмаган. Бу бошқаларга нисбатан кўпроқ муваффақият қозониш учун бир-бири билан рақобат қилаётган динларнинг ўз-ўзича уринишлари эмас, балки Худога етишиш йўлидаги умумий қадам бўлмоғи керак эди.
Кўплаб динлар-мазҳабларни бир бутун диний уюшмага бирлаштириш ғояси диний ташкилотларнинг қаттиқ ғазабига учрашини, қандай шовқин-сурон кўтарилишини, ўзини шўрлик бошига қандай тошлар ёғилишини, уни азим гуноҳлар қилганликда, ашаддий куфрликда, мислсиз дунёвий бидъатда айблашларини у яхши тасаввур қиларди. Агар худбинлик ва таъмагирлик инсон табиатининг азалий ва деярли биологик хусусиятлари экан, бундай амаллар, албатта юз кўрсатишига шубҳаланмаса ҳам бўларди. Ўзларининг буюк пайғамбари учун ўта ҳақоратланган мусулмон муфтилари томонидан ўлим жазосига ҳукм қилинган шўрпешона Салмон Рушдининг қисмати ҳам (бошқа динлар бундай ҳолатга бефарқ қарайдиган бир пайтда) ҳолва бўлиб қоларди: ҳар ҳолда Салмон Рушди ўзига бошпана ола олди, шундай бўлиши ҳам эҳтимолки, хилма-хил дин-мазҳабларни қўшиш учун жонбозлик қилган кишида бундай имконият бўлмаслиги ҳам мумкин, ҳамма жойда таҳқирланган ва ғазабга минган барча динлар томонидан ҳамма ердан ҳайдалган бидъатчига шўрлик бошини тиқиш учун ер куррасида жой топилмай қолса керак, унга ҳеч ерда ва ҳеч қачон паноҳ бўлмаса керак? “Ана шундай вазиятда сенинг космосга, Филофейнинг ёнига кетишдан бошқа иложинг қолмаган бўлурди, — ўйлади Борк ўз устидан киноя билан кулар экан ва бирдан миясига фикр қуйилди: — ростдан ҳам етиб бўлмас юксакликдан туриб Ердаги одамларга ҳақиқатни айтиб бериш учун тақдир Филофейни космик орбитага қувган бўлса-чи?”
Ёпирилиб келаётган фикрлар оғушига ғарқ бўлган Борк сайловолди учрашуви трансляциясининг бошланишини унутиб қўяёзди. Соатга қаради — соат олти бўлиб қопти. У ўзини телевизор турган меҳмонхонага урди. Нақ устидан чиқди! Кўрсатувни олиб борувчи телетомошабинларни экранга, сайловчиларнинг президентликка мустақил номзод Оливер Ордок билан учрашуви ҳақида “Альфа-Бейсбол” спортзалидан олиб бориладиган телекўрсатувга таклиф қилар эди.
Спортзалнинг гумбазлари ости лиқ тўла одам. Одам шу қадар кўпки, кўзинг тиниб кетади. Ҳаво мавжларида асалари уясидан келаётгандай ғовуллаган товуш эшитилар эди. Сон-саноқсиз одамларнинг юз-кўзлари, ранг-баранг башаралари Боркнинг кўз олдидан ўтди. Зал ичининг безаклари номзоднинг қўмондаси ёмон ишламаганлигини кўрсатар эди. Спортзал гумбази тагида кулиб турган Ордокнинг сурати солинган катта ҳаво шари осиғлик турибди. У ер-бу ерда ҳар хил шиорлар кўзга ташланади: “У қуйи ижтимоий табақаларни яхши билади”, “Ордок — бўлажак президент”, “Ордок янги экологик дастурни олға сурмоқда”, “Ишсизлар Ордокка ишонишади!”, “Феминисткалар биринчиликни хоҳлайдилар!”, “Ўзимизнинг Ордок учун овоз берайлик!” ва ҳоказо. Операторлар усталик билан шиорларни йирик қилиб кўрсатишар эди.
Воқеалар ривожи ана шундай катта учрашувларга мос эди. Шовқин-сурон, эстрада мусиқаси, шарҳловчиларнинг дадил овозлари, тартиб-интизомни миқ этмай кузатиб турган полициячилар. Оливернинг ўзи ҳам тантанага ярашиб турар эди. У шахдам ҳаракат қилар, бўйи ўртадан пастроқ бўлганидан томирлари бўртиб чиққан бўйнини чўзиб калласини баланд кўтариб турар эди. Кулганда қуруқшаган лаблари жонланиб кетар, ўша кулги ортидаги сергаклиги ва ҳозиржавоблигини кўзидан билиб бўлмас эди. У ўзининг паканалигини тетиклик, ҳаракатчанлик, овозининг жарангдорлиги билан хаспўшлайдиган конферансьега жуда-жуда ўхшар эди. Ордок минбарга ўтаётганда залда гулдурос қарсаклар янгради, уни икки томондан маслаҳатчилари ва ёрдамчилари кузатиб борди. Президентликка номзод пайдо бўлиши билан гурра-гурра фоторепортёрлар кўз очиб юмгунча нишонга олишди. Бир дақиқа чамаси ана шу эфир вақтида халқ билан учрашув муҳити митинг бошланишидан олдин худди ана шундай бўлмоғи керак эди, бу эса америкача демократиянинг амалда эканлигини, сайловолди кампанияси учун масъулларнинг ишчанлигини яна бир марта намойиш қилар эди.
Нима учундир кун бўйи ташвиш тортган ва кутавериб чарчаган Борк намойишнинг оддийлигини кўриб енгил тортди ва ўзининг керак-нокерак асабийлашганидан ўксинди.
Чиндан ҳам фақат бир шахсга — Оливер Ордокка тикилиб қолган оломонда меъёр доирасидан чиқадиган бирон ҳаракатни топиш қийин эди. Ордокнинг овозини кучайтириш учун микрофонлар ўрнатилган, луқма ва хитобларга кўмилиб кетган номзоднинг нутқидан улкан зал гумбирлар эди. Ордок усталик билан сўзлади, долзарб масалаларга урғу берди. Номзоднинг сўзи нишонга текканда, энг муҳим масалаларни кўтарганда бир неча бор олқишлар янгради. Президентликка номзод ўзига сиёсий ишонч жамғариш, оломонни ўзига қаратиш, ром қилиш учун бор кучини сарфлади. Бунинг учун у кетаётган президентнинг пўстагини қоқди, конгрессни, оммавий ахборот воситаларини, сенаторларни қаттиқ танқид қилди, қандайдир корпорациялар ва компанияларни, молия тузилмаларини ҳар бири айрим ҳолда ва биргаликда нималарнидир қилолмаган, нималарнидир бера олмаган, даромадларини яширган, кишиларнинг фаровонлигига путур етказган деб танқид остига олди, буларни ўрнига қўйишга ва ундан бир неча бор яхшилашга ваъда берди. Нутқининг ана шу қисми жуда кўнгилдагидай чиқди, бутун зал ҳаяжонга тушди, шунда у ўз назарида ва йиғилганлар кўз ўнгида семиргандай бўлди. Буни муваффақият дейдилар.
Роберт Борк кеча телефон орқали қилган суҳбатлари ҳақида Ордок нима дер экан деб уни диққат билан кузатиб турди: самовий роҳибнинг мактуби ҳақида Ордок ҳозирча оғиз очгани йўқ. Бу, эҳтимол, яхшидир, эҳтимол, ана шундай сиёсий йиғинда ҳалигидай нарсани тилга олишнинг ҳожати йўқдир? Балки оломонни авраш, чалғитиш ва кундалик ҳаётнинг чакалакзорига бошлаб бориш билан ажратилган вақтини тугатишни мақсад қилиб қўйгандир.
Лекин нима бўлганда ҳам Ордок оломонни чалғитишнинг, Филофей феноменига чап беришнинг уддасидан чиқмади. Залда микрофондан берилган биринчи саволоқ ана шу ҳақда эди:
– Мистер Ордок, — жаранглади бир аёлнинг овози, — Мен Анна Смитман, мактаб ўқитувчисиман, — космосдаги роҳиб Филофейнинг “Трибюн” газетасида босилган мактуби ҳақида нима дея олардингиз? — деди йўлакдаги микрофон олдида қаққайиб турган аёл ҳаяжон билан.
Залдаги оломон бирдан қайсар тўлқинга урилган кема саҳнида тургандай чайқалиб тушди. Гувиллаган овозлар ёйилиб, жавоб кутиб жимиб қолди. Буни бурилиш лаҳзаси деса бўларди.
– Ҳа, ҳурматли Анна Смит, — бир оз жим тургандан сўнг сўз бошлади Оливер Ордок, жунжиккандай юзи ўзгариб, — бу ҳужжатни ўқидим ва у ҳақда жуда кўп ўйладим. Яширмайман, учрашувимизда ҳам шу ҳақда савол беришса керак деб ўйлаган эдим, гарчи бунинг аслини олганда сайловолди кампаниясига бевосита алоқаси бўлмаса ҳам. Лекин сизни қизиқтирадиган нарса, ҳурматли сайловчилар, мени ҳам қизиқтиради. Шу муносабат билан мен нима демоқчи эдим, — давом этди Ордок. — Албатта, сиёсатдан узоқ бундай муаммоларга менинг фикр билдиришим амри маҳол. Лекин ўйлайманки, роҳибнинг тўғрироғи замонавий катта олим Филофейнинг кашфиёти шуни кўрсатадики, инсоният учун интиқом пайти яқинлашиб келаётир. Афсус, бизлар ўзларимизга юқори баҳо берган эканмиз. Ҳаммангиз газетани ўқигансиз, гап нима ҳақда боришини яхши биласиз. Филофейнинг сигналларини яқинлашиб келаётган фалокатдан огоҳлантириш деб тушунмоқ керак. Шундай бўлиб чиқяпти!
Шу пайтда телеобъективлар залда ўрмалашар экан, кўзларида безовта умид ёлқини ўйнаган одамларни бошқалардан йироқроқ қилиб кўрсатар эди. Роберт Борк экран олдида қотиб турар экан, шу пайтда залда эмаслигидан жуда ўкинди. Ордок бошқаларни ўз гапига ишонтира олармикин?
– Нима қилиш керак? — чўккан жимликни бузиб қайта сўради ўқитувчи аёл. Аёлнинг нажотсизликдан самимий савол бераётгани билиниб турар эди.
– Менинг фикримча, — бунга жавобан деди Оливер Ордок, — нима қилишни ҳар бир киши ўзи ўйласин. — Залда хитоблар гувиллади. — Лекин жиддий талаб нуқтаи назаридан қараганда, — фикр юргиза бошлади у залдаги ола-ғовурни босиш учун, — албатта, яқинлашиб келаётган ҳалокатнинг, яъни Филофей айтгандай ижтимоий ҳалокатнинг, ё бўлмаса биологик ҳалокатнинг олдини олишнинг тегишлича дастурини ишлаб чиқмоқ, кассандра-эмбрионларнинг охирзамонни сезиш хусусиятига, яъни ҳаётдан воз кечиш учун интилишига сабаб бўладиган ҳодисаларга қарши кураш чораларини кўрмоқ зарур!
– Менга сўз беринг! — яна бир аёлнинг овози эшитилди. У мулаткаларга ўхшаш қорачадан келган, ялтироқ металл сирғалар тақиб, ёқаси очиқ сариқ блузка кийиб олган эди. Аёл қаторлар орасидаги йўлаклардан биридаги микрофон олдида пайдо бўлиб қолди. — Мен жим тура олмайман ва бизлар жим турмаслигимиз керак! — деди у гир атрофга қараб қўяр экан. — Ҳа, бизнинг кварталларда яшаш осон эмас. Лекин биз ҳаммавақт бола деб яшаб келганмиз, бола учун жонимизни ҳам аямаймиз. Бу ишга ҳеч ким аралашмасин. Ўша самовий роҳибга йўл бўлсин! Нега энди у мени таъқиб қилар экан? Нечун менинг шахсий ишимга аралашар экан? Мен қатъий норозилик билдираман!
Зал яна гувиллаб кетди, кўплар “тўғри” дегандай бошларини қимиллатиб қўйишди, баъзилар ўринларидан туриб маъқуллагандай қўлларини силкитишди.
Ордок мулат аёлга таскин беришга уринди:
– Ҳа, мен сизни тушуниб турибман, хоним, лекин Кассандра тамғасининг пайдо бўлиши бизга боғлиқ эмас. Биз бунинг бор нарса эканлигини тушуниб олишимиз керак холос.
– Бўлажак президентлик минбаридан туриб самовий роҳибнинг ёни олинаётган бўлса бошқа гап. Ўша киши бу ёққа келсин, осмони фалакка чиқиб олиб, биз аёлларни бутун дунёга шармандаю шаримсор қилаётган роҳиб бизнинг нечук худонинг ғазабига учраганимизни айтиб берсин! — деди ҳовурдан тушмасдан ялтироқ зирак таққан ўша аёл, атрофдаги ҳамфикрларнинг норозилик ялқинига олов ташлаб. Эҳтимол балким унинг уйи ҳам, эри ҳам йўқдир. “Қандай бахтсизлик, — пичирлади Роберт Борк, — қандай фожеали янглишиш. Унинг жони қийноқда, уни тушуниш мумкин”.
Аёл эса беш баттар тутақиб, сўзини давом эттирди:
– Сизлар уни гениал олим деб аташингиз, у бизнинг кўзимизни очди-ку, дейишингиз мумкин. Орбитадаги ўша нусха мен учун — аблаҳ, ярамас! — деб қичқирди ниҳоят аёл ғазаб билан.
Ана шу сўзлар янграгандан сўнг гувиллаган зал тилдан қолгандай бир лаҳза жим-жит бўлиб қолди. Ҳеч ким аёлнинг пишагини пишт демади, ҳеч ким уни тартибга чақирмади. Оливер ҳам ўзини ноқулай сезиб, аёлга ғинг дея олмади. Шундан сўнг Америкада худди шу пайтда телевизор олдида ўтирганларнинг кўпларини ларзага солган саҳна бошланди.
– Мана, қаранглар, худодан яширмаганни қандай бандадан яширай, қаранглар, мен нима қилай! — деб бақириб юборди бир аёл, асабий нафас олар экан, бармоғини пешонасига қадаб. — Мана бир неча кундир-ки, пешонамда ўша офат, ўша доғ, ярамас самовий иблис тили билан айтганда Кассандра тамғаси! — унинг юзи телеэкранда йирик кўрсатилди ва аёлнинг пешонасидаги ўша машъум қизил доғ милт-милт этиб турар эди.
– Крем ҳам, упа-элик ҳам суриб кўрдим, — деди у билинар-билинмас учиб турган лабларини кафти билан ёпар экан. — Ёрдам бермайди. Йўқолмайди. Кечами, кундузми фарқи йўқ! Бундан чиқди, мен осмондаги бадкирдорнинг назорати остида эканманда! Бундан чиқди, у менинг кўзимга бармоғни тиқиб: қараб қўй, сенинг боланг — ўзингга қарши, онасига қарши, ҳаётга қарши чиқаётир, ўзини ўлдиришларини сўраб сигнал жўнатмоқда! Бинобарин у туғилишни хоҳламайди, у ҳаётдан қўрқади, дер экан-да! Тўғрими? Уни ҳаётга нафрат билан қарашга ким ўргатмоқда? ҳали туғилиб улгурмаган ўша ҳомилани ким ўлимга маҳкум этмоқда, ёруғ дунёдан воз кечишга ким мажбур қилмоқда? Фазодан туриб мени қандайдир даҳшатли зондаж-нурлар билан нурлантиришга кимнинг ҳақи бор? Биз бу ерда ўтирибмиз. Бизни ишонтирмоқчи бўлишган ўша даҳо Филофей осмондан туриб ўз нурлари билан хотинлардаги кассандра-эмбрионларни тимирскилайди. Бизларни назорат қилиб туради! Бизларни бу қадар аҳмоқ деб бармоғини кўзимизга тиқади. Хўш, нима қилмоқ керак? Сиз фақат мени шундай деб ўйлайсизми? ҳа, мана шу залнинг ўзида ҳам менга ўхшаганлар бордир, бу аёллар ўзларида Кассандра тамғаси ниш урганини эҳтимол ҳали билишмас? Нима қилиш кераклигини айтиб беринглар, инсонлар! Мен нима қилишим керак? Мен боламни ҳаётдан қўрққани учун туғилмасдан ўлдирайми? Демак, мен, менинг тақдирим, менинг ҳаётим уни қаноатлантирмас эканмизда? Ёки мен унга ерда жаннат қуриб беришим керакмиди? Қандай қилиб? Шундай қилганимда ўзим ҳам хурсанд бўлардим! Лекин мен дунёни қандай тузата оламан? Ёки мен ўзимни осишим керакми? — шундай деб аёл ҳўнграб йиғлаб юборди. Яқиндаги қаторлардан қандайдир одамлар югуриб келиб уни икки қўлидан ушлаб олиб чиқиб кетишди.
Залда яна жимлик бошланди. Минг-минглаб одамлар ерга қараб миқ этмай ўтиришди. Ҳамма бу ерга Оливер Ордокни деб келишган бўлса ҳам ҳозир уни бутунлай унутиб қўйишган эди. Телекамералар минбардаги Ордокни четлаб ўтар экан, гоҳо ўтирганларнинг юзларини кўрсатса, гоҳ умумий манзарани намойиш этар эди.
Экранда Ордок пайдо бўлиб, овозини чиқарди:
– Мен бу ерда ҳамма саволларга жавоб бера оламиз деб ўйламайман. Эҳтимол, махсус... — деб сўз бошлаб эди, лекин залдан чиққан овоз унинг гапини яна бўлди:
– Кечирасиз, мистер Ордок, — нариги бурчакдан микрофонга қараб мурожаат қилди эркак киши, — айтмоқчи бўлганим хаёлингизга ёмон гап келмасин. Биз сиз томондамиз, лекин кўриб турибсизки, ҳамма ташвишда. Мен ўзим врачман ва ҳаяжондаман, мен бу аёлни тушуниб турибман, у қаттиқ ҳаяжонланмоқда, яна қанча аёл шу аҳволга тушиб қолиши мумкин! Ким бўлишидан қатъий назар, қандайдир бир кимса, космосдан чиққан бир қаллобнинг ҳаётимизга тумшуқ суқишига нима ҳаққи бор?! Биринчидан, буни конституциямизни бузиш дейдилар. Савол туғилади: биз демократик мамлакатда яшаяпмизми ёки йўқми? Биз ўзимизга хўжайинмизми ё йўқми? Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш дегани қани? Шахснинг ҳуқуқларини оёқости қилишга кимнинг ҳақи бор? Қандайдир назарияга, ҳатто илмий концепцияга мувофиқ яшаш ва иш кўришга бизни ким мажбур қила олади. Агар мен ўша концепцияни қабул қилмасам, у менинг манфаатларимга мос тушмаса, ҳеч ким лаборатория тажрибалари орқали менга бошқа бир турмуш тарзини мажбур қилиш ҳуқуқига эга эмас. Мен Филофейнинг мактубини диққат билан ўргандим. Кўп ўйладим. Сизни ҳар қанча ҳурмат қилишимдан қатъий назар, мистер Ордок, бу масалада, мен сизнинг фикрингизга қўшила олмайман. Филофейнинг тавсияларига эргашиб бўлмайди деб биламан. Эҳтимол, илмий нуқтаи назардан у ҳақ бўлса бордир, лекин амалда эса – йўқ, у ҳақ эмас. Биз тажриба қилинадиган каламушлар эмасмиз-ку!
– Тўғри! Офарин! ҳақ гапни айтаётир! — деган овозлар янграб, зал тўлқинланиб кетди.
Телекамералар зал бўйлаб ўрмалар экан, бақириб-чақираётганларни бирма-бир йирик қилиб кўрсата бошлади. Телеоператор бир зумда Ордокнинг ўзини ҳам яққол кўрсатиб ўтди. У аянчли бир аҳволга тушиб, шумшайиб қолган эди. Минбар олдида бутунлай саросимага тушган, нима қилишини билмай, залдаги бебош эҳтиросларни қандай босиш йўлини тополмай нажотсиз турар эди. Худди шу онда Борк Ордокнинг юзида яна пайдо бўлган доғларни сезди. Ана, шўрва юзидагидай қизғиш кўкимтир доғлар узоқдан экранда иссиқ ва намдай туюлди. Бутун кору ҳолни кўриб турар экан, Борк Ердаги ёвузликларнинг манбаи одамларнинг ўзларида эканлигини тан олишни хоҳламаганликларидан ғалати бўлиб кетди. Ҳа, улар Филофейни тушунишни ҳеч ҳам хоҳлашмайди. Борк Ордокка ачинди. Ордок эса ҳақоратланган эди. “Иши юришмади, юришмади-да, — деди ўзининг эски дўсти учун жони куйиб Борк. — Энг муҳими, у руҳий тушкунликка учрамасин-да! У зални қайта ишонтира олса, ўз нуқтаи назарини ҳимоя қила билса, олдинги мавқеини эгаллайди. Қўлидан келармикин? Вой худойимэй, қандай бемаънигарчилик! Биз барбод бўлдик, биз айбдор эмасмиз, лекин иш бизнинг ўзимизга келганда гўё кўр бўламиз қоламиз. Шўрлик Филофей, ҳозир шу залда бўлса эди!”
– Мен сиздан илтимос қиламан, мистер Ордок, ўз номимдан, агар менга қўшилишса, сайловчилар номидан сўрайман. Буни шундай қолдириб бўлмайди! — ўзини врачман деб танитган киши шовқинни бардош билан енгиб, микрофон олдида бақириб-чақира бошлади. — Америка фуқаролари устидан қандайдир экспериментлар ўтказишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ! Ўша самовий роҳиб бутун инсониятни қандайдир тўда, оломон деб билади, бу унинг иши, бизнинг ишимиз эмас. Биз эса америкаликлармиз. Биз – мустақил шахслармиз! Қўшма Штатлар ҳудудида ғаламислик билан нурлантиришлар ўтказишни ман этиш зарур! Энди Конгресс ўз сўзини айтсин, бизнинг федерал органларимиз ўз сўзини айтсин!
– Тўғри, рост! Тақиқлаш керак! – Ҳамма ёқдан овозлар эшитилди.
– Тақиқлансин!
– Тинчланинг, жаноблар! Илтимос қиламан, хонимлар! – саҳнадаги микрофон олдида туриб тартибга чақиришга ҳаракат қилди сайловолди учрашувини бошқараётган сухандон. У қимматбаҳо қалин кўзойнак тақиб, башанг кийинган ва сочини икки бўлиб фарқ очиб олган басавлат киши эди. Афтидан, аҳволнинг бундай тус олишини кутмаган кўринади. У ҳаяжонда эди. – Микрофонда навбат билан гапиришларингизни сўрайман! – даъват қилар эди. – Мен сизга сўз бераман, фақат навбат билан, илтимос қиламан, бемалол, фақат навбат билан гапиринглар.
Лекин энди кеч эди. Йўлаклардаги микрофонлар ёнида шу заҳоти юрагидагини айтиб олиш, бундан олдин гапирган нотиқларнинг сўзларига жавобан фикр билдириш учун одамлар тўпланиб қолган эди.
Мажлисни бошқарувчи микрофонларда гапирувчиларга навбатма-навбат сўз бериб туришдан бошқа илож топмади:
– Биринчи микрофон! Сўз иккинчига! Бемалол! Учинчи микрофон! Бешинчи, еттинчи, ўнинчи...
Микрофонларда навбат кутганлар ва гапираётганлар сони кўпайгандан кўпайиб борди. Сўзга чиққанларнинг кўпчилиги Филофейнинг кашфиётларини ва ғояларини кескин қоралашга, космосда пайдо бўлган ўша ғаламисни, ашаддий бузғинчини орбитадан ҳайдаб чиқаришга чақирар эди; бир нусха, рус муҳожирларидан бўлса керак, Филофейни КГБ чақимчиларига ўхшатиб, ҳомиладор аёллар устидан материал тўплайдиган, космик айғоқчи деб атади. Иккинчи бир нусха Филофей Россиянинг космосга чиқарган агенти, унга Американи ичдан емириш, жамиятда генетик бомба портлатиш вазифаси топширилган деган фаразни ўртага ташлади; яна биттаси буни ҳозирги жамиятни назорат қилиб туришни ният қилган халқаро мафиянинг иши деб тахмин қилди. Тағин қандайдир даҳшатли тахминлар ва фаразлар ўртага ташланди. Фикрларнинг беллашиши авж олгандан авж олиб борди, ёвузлик ва маккорликнинг азалий маъно ва мазмун товланишлари янгилари билан бойиди – космик шайтон, фазовий иблис, космик анархист ва ҳатто – самовий Фауст ва бошқалар.
Лекин кўпчилик, ҳар ҳолда астойдил, ташвишланиб Филофейга қарши бўлсалар ҳам унинг ижтимоий-биологик кашфиётларидан келиб чиқадиган қўрқинчли оқибатларни ҳар қандай қилиб бўлса ҳам миядан чиқариб ташлаш истагини билдиришди, бунда энг аввало асрдан асрга униб-ўсиб, ҳеч қандай “кассандра тамғалари” тушига ҳам кирмасдан ривож топиб борган инсоният тарихига мурожаат қилишди; буларнинг ҳаммаси, айниқса аёллар кўзларига ёш олиб ўзларини қутқаришларини, шахсий ҳаётларини зондаж-нурлардан ҳимоя қилишларини илтижо қилганлари чиндан ҳам кучли таассурот қолдирди. Ниҳоят сўзга чиқиш жараёнида самовий роҳиб билан БМТнинг ўзи шуғулланиши кераклиги айтилди, инсониятни ҳимоя қилиш чораларини кўриш учун масалани БМТга қўйиш талаб қилинди.
Ана шу саҳналарни кузатиш Роберт Боркка оғир бўлди. У алам билан шунга ишонч ҳосил қилдики, яқинлашиб келаётган охирзамоннинг ҳақиқий моҳиятини очиб бериш учун Филофейнинг қилган ҳаракатини кўпчилик тушунмаётир, охирзамон ташқи дунёнинг яратилгандан буён рўй бериши мумкин бўлган ҳалокати орқасида эмас, балки борган сари уруғлаб кетаётган шафқатсизликлар ва ранго-ранг ёвузликлар маҳсули бўлмиш ирсият қаъридаги ўпирилиш натижасида келиб чиқади. Инсон табиатидаги қўрқинч – гуноҳи азимлар учун, Худо берган ҳаёт олдида абадийликка қилинган гуноҳлари учун инстинктив қўрқиш ҳам ўз ишини қилди. Ҳаёт ҳар бир кишига узоқ муддатга бир бор ато қилинган, лекин бу ҳаёт абадийликка берилган эмас, балки Фазо ва Вақт билан азалдан меъёрлаб ва чеклаб қўйилган.
Оливер Ордокнинг аҳволи ачинарли эди. Борк Ордокнинг мағлуб бўлаётганини тасаввур қилди ва воқеаларнинг шундай тус олишини олдиндан кўра билмагани учун ўзини айбдор деб ҳисоблади, бироқ Ордокка бу ҳақда ўз билганича шипшитиб ҳам қўйган эди.
Ордок кулгили ҳолга тушиб қолган эди. Гўё бу учрашувнинг Ордокка ҳеч қандай алоқаси йўқдай уни унутишган ва минбар олдига ташлаб кетишган эди. Барча нутқлару луқмалар фақат Филофейга қаратилган эди, митингни уюштирган Ордок, лекин ҳамманинг диққат марказида самода Филофей – осмоннинг бир кунжагида олам кезаётган ўша самовий роҳиб эди. Йўлаклардаги микрофонларни ўраб-қуршаб олган одамлар ўз дардларини президентликка номзодга эмас, балки роҳиб Филофейга айтиб олишга шошилардилар. Ордок эса нима учундир минбарда қаққайиб тураверди. Унинг назарида ҳамма нарса бозорга айланган эди. Ордокнинг ўз вазифасининг муҳимлигини сайловчилар ва телетомошабинларга етказиш учун тайёрланган нутқи ва кўзланган мақсадлари – барчаси пуч бўлиб чиқди. Спортзал гумбази тагида кулиб турган Ордокнинг расми осилган ҳаво шари энди қандайдир кулгили, совун кўпигига ўхшар эди. Ҳолдан тойган, ҳақоратланган Ордокнинг ўзи эса бутунлай довдираб қолган эди. Унинг ёнига маслаҳатчилари ва ёрдамчилари югуриб келишиб, нималарнидир пичирлашарди, лекин у микрофон олдида сўлжайиб тураверди. Унинг кўзлари ғазабга тўла эди, юзидаги доғлар олдингидан ҳам аниқроқ кўрина бошлади. Бу унинг муваффақиятсизлиги, бутун мамлакат кўз олдида режаларининг барбод бўлиши эди.
Митинг дарёси бошқа йўналиш олди. Чўкиб кетаётган кишига ногоҳон сомон чўпи ташланмаганида, ҳаммасининг нима билан тугашини Худо биларди. Бирдан ён томондан саҳнага спортчига ўхшаган бир йигит югуриб чиқди; галстугини тортқилаётган ва навбат билан гапиртиришларга беҳуда уринаётган бошқарувчига яқин келиб, қулоғига нималарнидир пичирлади ва унинг қўлидан микрофонни юлиб олди. Кейин залга қараб, бор овози билан гапира кетди:
– Тўсатдан орага суқулганим учун узр. Бир гапим бор! Муҳим гап!
– Шовқин босилди. Залга бир зум тинчлик чўкди. Энди бир лаҳзани ҳам қўлдан бой бермаслик керак эди.
– Менинг отим Энтони Юнгер, — деб ўзини таништирди ногоҳон саҳнада пайдо бўлган йигит.
“ҳа, Энтони Юнгери шу экан-да, келишган йигитча экан”, — ўйлади Роберт Борк.
— Машҳур одам эмаслигимни исмимдан ҳам билса бўлади, — деди Юнгер. – Лекин мен ҳам сизларга ўхшаш, округимизнинг сайловчисиман. Сўзга чиқиш ҳуқуқимдан фойдаланмоқчиман. Бунинг устига мистер Ордокнинг қўмондасиданман, унинг маслаҳатчиларидан бириман. Қулоқ солинг. Бизнинг митингимиз космосдан бизга ташланган муоммолар мунозарасига эмас, балки президентликка номзод билан учрашувга бағишланган. Шунинг учун сайловолди муҳокамамизни давом эттириш мақбул бўлур эди. Филофей билан эса кейинги сафар шуғуллансак, чунки бу ноёб янгилик ҳақида ҳали кўп ўйлаш ва мулоҳаза қилишга тўғри келади. Шунинг учун регламентга қараб иш қилсак, Мистер Ордокдан Филофей муаммоларини қўйиб ўз сайловолди дастурини айтиб беришини сўраймиз.
Бу айни муддао бўлди. Жанжал бостирилди. Борк Энтони Юнгернинг келганидан мамнун эди. У Юнгерни тахминан худди шундай бўлса керак, деб тасаввур қилар эди. Шундан сўнг ҳам ҳеч кимнинг, ҳатто Боркнинг ҳам тушига кирмаган воқеа рўй берди.
Ордок ўзини ўнглаб олди – у энди ташаббусни қўлига олган эди:
— Ҳа, мен ўз нутқимни давом эттираман, — тайёрланиб сўз бошлади ва кўзлари ёнишидан, чеҳрасидан унда қандайдир ўзгариш рўй бергани сезиларди. Унда жасорат пайдо бўлди. – Ҳа, ҳурматли сайловчилар, ҳозир Энтони Юнгер айтгандай, мен бу ерда ўз нутқимни давом эттириш учун турибман. Лекин кичкинагина қўшимча бор. – У озгина жим туриб, ўтирганларга синовчан назар ташлади-да, тушунтирди: — Мен худди ана шу Филофей, ҳа Филофей ҳақида гапираман, — таъкидлади у. – Мен бу ерда микрофонда гапирганларга қўшимча қиламан, космосдан бизга қилинган ҳужум билан боғлиқ фикрларни ривожлантирмоқчиман, бизнинг генетик вазиятимизни қаттиқ танқид остига оламан. Биринчи галда ана шу ҳақда гапираман, чунки мен сайловчилар билан, халқ фикри билан яшайман. Бу ерда ҳаммамиз ҳамжиҳатмиз, мен учун энг муҳими шу. Микрофонлардан эшитилган нутқлар меникига ўхшаб кетади. Мен ҳам шу ҳақда, америкаликлар учун олий қадрият ҳисобланган ҳуқуқларимизга космосдан бўлган мислсиз тажовуз тўғрисида тахминан худди шундай хаёлларга бордим. Бу ерда қайд қилинганидек, Филофей осмонда туриб бизга чоҳ қазияпти, мен ҳам шу фикрдаман. Мен яна қўшиб қўйган бўлур эдимки, ниҳоят, у билиб турибми, билмасданми, охир оқибатда бизнинг демократиямизга ҳам чоҳ қазияпти. Бу ақли салимга тўғри келмайдиган фикрга ўхшайди, лекин аслида шундай. Бу чоҳ ёвуз ният билан, инсонга қарши қазиляпти. Иблис маккорлигининг чек-чегараси йўқлигига биз сиз билан яна бир бор ишонч ҳосил қилаётирмиз. Мен ана шу ҳақда гапирмоқчи эдим, лекин бундан аввал мен ҳамсуҳбат бўлган баъзи бир билағонларнинг фикрларини айтиб ўтмоқчиман. Бироқ сўзимнинг иккинчи қисмига – Филофей мактубига ўз муносабатимни билдиришга, кўриб турганингиздек, ҳақиқатдан ҳам улгурмадим. Микрофонлардан айтилган гаплар менинг фикрим билан бир жойдан чиқди. Бу жуда соз, менинг обрўйимга обрў қўшади. Ҳозир жамият устида қўққисдан мислсиз хавф пайдо бўлди деган мулоҳазага тўла қўшиламан. Ўзини роҳиб Филофей деб таништирган одамнинг кори-амали генетик тадқиқотларга дахлдорга ўхшаб кўринади, аслида эса бу тажовуз, бизнинг руҳиятимизни, ўзимизга, цивилизациямизга бўлган тарихий ишончимизни кунпаякун қилишдир. Эътибор беринг, бу тажовуз осмондагина олиб борилмаётир, Филофей Ердан ҳам ўзига ҳамфикрлар топди – бизда фан ва ижтимоий ҳаётда катта эътибор қозонган шахсларни ўзига шерик қилиб олди. Мана сизга аҳвол? Ўзларининг космик илҳомчиларини дарҳол кўкларга кўтаришга тайёр турган ана шу зотлар Филофей билан бир бўлиб олиб унинг номидан ерда ғалаёни азим кўтариш, бизнинг мавқемизни шубҳа остига олиш ва энг муҳими, — аёлларимизга қандайдир иблисона нишон — Кассандра тамғаси тақиб бадном қилиш учун вақт-соат кутишмоқда. Фалокатлар ва бахтсизликларнинг башоратчиси бўлган Кассандранинг номи билан аталган тамғанинг ўзи дилларга ғулғула солади. Номи ҳам тасодифий қўйилган эмас. Қандайдир маккарона ният бор бунда! Сергак бўлайлик! Бутун миллат сергак тортайлик. Филофейнинг академик либосидаги ҳамфикрлари одамларга оммавий ахборот воситалари орқали таъсир этишга, космосдан келган сохта башоратларга ишонтиришга мажбур қилиш учун шай туришипти. Бу ҳеч ҳам муболаға эмас, ишонинг, бу инсониятга қарши фитнадир. Худди шундай! Менинг ташвиш тортаётганимнинг боиси ана шунда, ҳурматли сайловчилар!...
Зал худди шуни кутиб турган экан. Одамлар президентликка номзоднинг нутқига маҳлиё бўлиб, ундан сеҳрли нигоҳларини узмай қўйишди. Ҳозир Оливер Ордокнинг оғзидан чиққан сўзлар уларнинг дилларида ҳамдардлик ва хайрихоҳлик топди. Одамлар “Альфа-Бейсбол” спортзали гумбазлари тагида биргаликда нафас олишар, Оливер Ордокнинг даъваткорона сўзларига бутун вужудлари билан қулоқ тутишар эди. Шак-шубҳасиз бу ғалаба эди. Ордокнинг халқ олдидаги мағлубиятидан кейинги ёрқин зафари эди. У ғалабага йўл топди, у топганда ҳам усталик билан топди, у стратегиясини бехато ўзгартирди, ана энди самарасини тотиб турипти.
Ордокнинг ўзи ҳам ўзгариб кетди. Энди минбарда бутунлай бошқа одам тургандай эди. Унинг сўзлари залдагиларга қандай кучли таъсир этганини кўриб, гапирган сайин руҳан парвоз қила бошлади. Бу ўз-ўзидан мамнун бўлиш, муваффақиятдан лаззатланиш, ўз сўзидан қаноатланиш ва роҳатланиш лаҳзаси эди; бунақаси ҳар доим ҳам бўлавермайди; унга шундай туюлдики, унинг сўзлари қайнаб чиқиб, теварак-атрофдагилар дилидан, биринчи галда таҳсинлар айтиб турган аёллар дилидан ўрин олаётир, барча одамлар – эркаклар ҳам, аёллар ҳам ўзларини унга яқин тутишар ва ҳар бир киши унга жон деб қулоқ осар эди. Ордок қаттиқ пишқириб уюрдаги бияларга шитоб билан ҳужум қилган айғирга ўхшаш шу ҳолатдан куч оларди, ҳар бир сўзи ўзига куч бағишлар ва ўта ардоқли, лекин ҳали қўлга киритилмаган ҳокимият билан қовушиб кетиш онининг яқинлигини олдиндан сезиш ҳиссини уйғотар эди. Ордок ўзида бошқаларга тинимсиз амри-фармон бериш истаги ниш ургандай сезди, бу даъват бошқаларга ҳоким бўлиш, буйруқ бериш, бўрилик қилиш ҳисси одамлар қонида ҳали улар ўрмонларда ярим ваҳший ҳолда яшаб юрган чоғларидан буён яшаб келади. Лекин ҳокимият лаззатига йўл нутқлар оқими орқали ўтар эди — бунда сўзлар зич қаторлар ҳосил қилиб, қалъани, бу ўринда Филофейнинг ғояларини ва унинг ҳали мағлуб бўлмаган ҳамфикрларининг ғояларини забт этиш учун ишга солинган эди, у Филофей фикрларига қарши курашиш учун ҳамфикрларини ўз теварагида жипслашишга ва буйруқ бериш билан курашга отланишга ундарди.
ҳа, бу Оливер Ордокнинг ошиғи олчи турган пайт эканидан нишона эди. Ҳамма унга таҳсин ўқирди. Ҳозир бўлганлар ичида фақат бир киши — минбар яқинида экранда лип-лип кўзга ташланган йигит бу фикрга қўшилмас эди. Энтони Юнгер саҳнанинг бир чеккасида яккакифт бўлиб, гўё унга тош отишгандай икки қўли билан бошини чангаллаб ўтирар эди; унинг қўл томирлари бўртиб чиққан, ҳаяжонда эди.
Энди Оливер Ордок ҳужумни авж олдирди. У ўз нутқини залда ва ундан ташқарида ҳамфикрларига сўзини ўтказадиган ва муваффақиятни мустаҳкамлайдиган қилиб тузган эди. Бу унинг учун фавқулодда қулай пайт эди.
– Мен сиз билан бизнинг ҳушёрлигимиз зарурлиги ҳақида гапирар эканман. — “Альфа-Бейсбол” залида ўтирганларга сидқидилдан мурожаат қилар экан, эслатиб қўйди у, — биз сиз билан мислсиз космик авантюра қурбонлари бўлиб қолмаслигимиз учун жамият манфаатларини кўзда тутаётирман. Ахир, масала умумжаҳоний миқёс касб этади, айни вақтда бу ҳар бир кишига, жумладан, бу ерда ҳозир бўлганларнинг ҳаммасига дахлдордир, сайловолди учрашувида эса Филофейнинг инсон генофондини бузишга қаратилган сайёравий экспериментларидан, жамиятда саросима уйғотадиган, ўзларимизда ҳаётга интилиш ҳиссини йўқотадиган тажрибаларидан ўзимизни қандай ҳимоя қилиш ҳақида сўз бормоғи керак.
– ҳечам бундай бўлмайди! — залда дарғазаб овозлар янгради. — Бунга йўл қўймаймиз!
– Мен ҳам шундай деб ўйлайман, — давом этди Оливер Ордок. — Бунинг учун бор кучимни сарф қиламан. Мени ҳеч нарса тўхтата олмайди. Лекин пайдо бўлган космик хавфни ва ерда туриб елкасини Филофейга тутадиган, вазиятни бузадиган, содда қилиб айтадиган бўлсак — сувни лойқалатадиган кишиларни қандай қилиб, қайси йўл билан даф қилиш мумкин бўларкин? Одамларнинг ва халқларнинг тақдири ҳақида сўз бораётган экан, мен ўзимни умумий гаплар билан чекланиб қоладиган қандайдир олийҳиммат жентельмен қилиб кўрсатмоқчи эмасман. Филофейчилар билиб қўйишлари керак — биз улар билан келиша олмаймиз ва улар ҳар қандай илмий далил-исботлар келтиришмасин, биз уларнинг орқасидан эргашиб генетик қопқонга бормаймиз! Жумладан, мен бир футуролог билан, илмий доираларда маълум ва машҳур бўлган, дунё танийдиган, амалда эса самовий роҳибнинг бош тарафдори ва ҳатто мафкуравий хизматчиси бўлган киши билан узоқ гаплашдим. Собиқ Совет Иттифоқида жон-дили билан доҳийга хизмат қилган ва унинг учун жонини фидо қилишга тайёр йигит-қизларни, хато қилмасам, комсомол фаоллари дейишади. Филофейнинг дастёри анча ёшга кириб қолган бўлса ҳам, ана ўшаларга ўхшаб кетади, у бизнинг дорилфунунимизда ишлайди ва ўзи шаҳримизнинг яқинида яшайди, — ўша кишининг оти Роберт Борк.
Зал жимиб қолди, ўтирганларнинг нафаси ичига тушиб кетди ва бироздан сўнг бошланган пичир-пичир борган сари авжга минди: “Роберт Борк! Роберт Борк! Роберт Борк! Қандайдир Роберт Борк!”
– Ана шунақа, муҳтарам сайловчилар. Роберт Боркнинг илмий далил-исботларига ҳар қанча ҳурмат билан қулоқ солмай, унинг диққатини тирик одамларнинг тақдирларини инкор этишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқлигига, Филофей қандай илмий мақсадларни кўзда тутишидан қатъий назар, турмушимизга бурун суқиб, бузғунчилик қилаётганига қаратдим, энди эса бу одамнинг Филофейдан ҳам ўтиб тушажагига ишонч ҳосил қилдим. Худди ана шундай одамларда олимлик ниқоби остида дунёвий ёвузлик яшириниб ётади. Роберт Борк учун унинг фалсафий сафсаталари, суҳбатдош ва рақибнинг бошини гангитадиган жаҳоний ғоялари ён-верида яшаётган оддий кишининг тақдирига нисбатан муҳимроқдир. Роберт Борк ҳар хил илмий мулоҳазаларни пеш қилиб бўлса ҳам ана шу оддий кишини, унинг барча муаммолари ва кулфатларини инкор этади, уни инсониятнинг униб-ўсиб туришига путур етказадиган, бизни истиқболдан маҳрум этадиган Филофей таълимотига қурбон қилади. Роберт Борк ўта мутаассиб, у бор вужуди билан Филофейни ҳимоя қилади, унга шайтони лайинга хизмат қилгандай хизмат қилишга тайёр.
– Лекин афв этасиз, мистер Оливер! Бу яккама-якка суҳбатдаги гаплар-ку! — Ордокнинг сўзларига чидай олмай, микрофон олдига чопиб келди Энтони Юнгер. Унинг афти қизариб-бўзариб ўзгариб кетган эди. — Ораларингизда бўлган суҳбатни ҳаммага ошкор қилиш инсофданми?!
– Мен Борк билан бўлган суҳбатимизни сир сақламоқчи эмасман, — пинагини бузмай гап қайтарди Ордок. — Агар яккама-якка суҳбат бутун инсоният тақдирига дахлдор бўлса, агар Роберт Боркка ўхшаган одамлар Филофейнинг қўлтиғига сув пуркаб қилмишларини маъқуллашаётган, манзур кўришаётган бўлса ва одамлар онгида унинг назарияларига кенг йўл очиб беришаётган бўлса, унинг бутун дунё устидан назорат қила олиши учун шароит ҳозирлашаётган бўлса, нега энди мен у билан ади-бади айтиб ўтиришим керак экан?
Гулдурос қарсаклар “Альфа-Бейсбол” томини тешгудай бўлди. Телеоператорлар залда у ёқдан бу ёққа йўрғалаб, Оливер Ордокнинг яна бир улкан ютуғи саҳнасини намойиш қилиш учун одамларнинг башараларини йирик қилиб кўрсатиб турди.
Энтони Юнгер оғиз жуфтлади:
– Мистер Ордок, бундай қилишга сизнинг ҳақингиз йўқ...
Лекин зал Энтонининг оғзини очирмади. Ҳамма унинг овозини ўчириш, турган жойида ер билан яксон қилиш учун гумбурлатиб қарсак чалаверди.
Юнгер бўлса нималарнидир гапирар, одамлардан баланд келиш учун овози борича бақириб-чақирар, қўлларини пахса қилиб алланарсалар деб оёғи куйган товуқдай у ёқдан бу ёққа чопар эди, лекин бу ёниб турган оловга ёғ сепгандай бўлди ва Юнгерни мағлуб қилиш учун ҳамма бир овоздан “Ор-док! Ор-док! Ор-док! Ор-док!” деб салмоқ билан қичқира бошлади.
Сўнгра худди буйруқ берилгандай одамлар ёппасига ўринларидан қўзғалишди ва тик турган ҳолда кафтларини кафтларига уриб “Ор-док! Ор-док! Ор-док!” деб жон-жаҳди билан такрорлай бошлади.
Мана Ордокнинг зафар тантанаси. Унинг рақибларидан биронтаси ҳам сиёсий жабҳада бундай муваффақият тўғрисида ўйлаган ҳам эмас. Кўримсиз, сўлғин, Геббельсга ўхшаб кетадиган Ордок ўзини кўкка кўтариб улуғлаган шов-шувдан, сеҳрли муваффақиятдан юраги ёрилгудай бўлиб, боши гангиб қолдики, шу пайтда тап этиб йиқилиб тушиши ҳеч гап эмасди. Шунга қарамасдан ўзини ушлаб олди. Йиғилиш муваффақиятли тугади. Энди уни охирига етказиш, ғалабани мустаҳкамлаш керак эди. Залда ҳамон “Ор-док, Ор-док” деган овозлар янграрди. У ҳар ҳолда ўзини қўлга олди, имо-ишоралар ва овозларни босди-да, жимлик чўккан заҳоти сўз бошлади:
— Бу ерда кимдир Роберт Боркка ачинаётир, нега энди? Аслини олганда ҳеч ким унинг кўкрагидан итараётгани йўқ. Борк бу ерга келсин, халқни ўз фикрига ишонтирсин, яъни ўша осмондаги Филофей иккаласи элу элатни, одамларни, миллатни, бўлажак авлодларни деб жонларини фидо қилаётганларини айтсин. Менга қақшатқич зарба берсин! Ким йўқ дейди?! Шукроналар бўлсин, биз дунёдаги энг демократик давлатнинг фуқароларимиз. Ўйлайманки, Борк бир чеккада қўл қовуштириб қолавермайди, балки сўзга чиқар. Борди-ю у эс-ҳушини йиғиб олиб, Филофейдан юз ўгирса, очиғини айтсин ва ўйлайманки, қилмишлари учун тавба-тазарру қилади. Хулласи калом, хоҳлаганидай гапирсин. Американинг барча газеталари ва журналлари (фақат Американикигина эмас) унинг хизматида эмасми, радио-чи, телевидение-чи? Куйиб-пишиб гапираверсин. Бироқ мен ҳам четда қололмайман, сизларни ишонтириб айтаманки, ҳурматли сайловчилар, оммавий ахборот воситаларидан менга ҳам жиндаккина ўрин беришса, бундан мақсадим замондошларни ўзимнинг футурологик назарияларим билан заҳарлаш эмас, асло, мен ҳар бир инсон ўт билан, яъни Филофей таълимоти билан ўйнашиш номақбул эканини, Борк Филофей билан биргаликда бутун дунёда ёнғин чиқариш пайида эканликларини тушунтиришга ҳаракат қиламан. Боркнинг ўй-фикрларининг мағзини чаққан пайтимдан эътиборан тинчимни йўқотдим – унинг ғоялари шубҳали ва қўрқинчли, у қаерда бўлмасин ер юзидаги барча хотинларни бирма-бир зондаж-нур билан нурлантириш ғоясини ўтказишга, одам боласининг ҳаммасини ўз гуноҳлари учун бирма-бир тавба-тазарру қилдиришни талаб этишга шай турибди. Буларнинг ҳаммаси анъанавий динларни суриб чиқариш, одамларнинг диллари устидан якка ҳукмронлик ўрнатиш учун янги дин – Филофей динини яратади. Жаҳон динлари ҳам ўз келажаклари ҳақида ўйлаб кўришсин! Энди мана шулар ҳақида бош қотиришимиз керак, мен ҳам мана шулар ҳақида ёзаман ва гапираман. Биз ана шу олимларни – орбитадаги Филофейни ва ердаги Боркни ўз вақтида тийиб қўйиш ҳақида ўйлашимиз керак. Мен бу ҳақда шу ерда ҳозир бўлган барча журналистлар учун гапираётирман. Тийиб қўйганда ҳам қонуний йўл билан, албатта қонун асосида иш кўриш лозим. Одамлар устида қилинадиган ана шундай экспериментларни дунё бўйича ман этиш йўли билан. Бу борада сизларнинг мададларингизга ва ишончларингизга умид қиламан!
Яна олқишлар, қарсаклар янграб кетди, ҳамма ўрнидан турди, яна жазаваси қўзиб кетганлар “Ор-док, Ор-док” деб қичқиришди. Ордок қандайдир қониқиш ҳамда хижолат билан халқдан ҳозирча қарсакларни тўхтатишни сўради:
— Мен яна бир неча дақиқа вақтингизни оламан ва яна қўшимча қилмоқчи эдим...

Шу он спортзалдан олиб борилаётган кўрсатув бирдан узилиб қолди. Экран ўчди. Кимдир асабийлашиб қўли билан телевизорни ўчирди. Бу Жесси эди. Унинг қачон қайтиб келганини, уйга қандай кирганини, шу пайтгача қаерда турганини, қаердадир ён томондан ўтириб ҳаммасини кўрдими, кўрганларидан руҳи чўкиб қимир этмай ўтириб қолдими ёки ҳозиргина кириб келдими — Борк билмас эди. У кўз олдида бўлиб ўтган воқелардан тушкунликка тушиб курсида ўтирар экан, теварак-атрофга бефарқ боқар эди.
— Қачонгача буни кўриш мумкин?! Қандай чидаб ўтирибсан? — эрига кескин гапирди Жесси. — Етар! Бўлди!
У индамади.
— Кабинетдаги телевизорни ҳам қўйма! — деди жаҳл билан. — Ҳозир ҳамма телефонларни узиб қўяман! Худо олсин уларни, ҳеч кимнинг қўнғироғи керак эмас! Оливер Ордокнинг найрангларини кўрганларнинг ҳаммаси телефон қилаверади! Қандай бемаънилик! Шу қадар ҳам разиллик бўладими!
Борк индамади.
– Нега сен оғзингга талқон олиб ўтирибсан?! — деди Жесси чорасизликдан. — Бунақасини умримда кўрган эмасман.
– Секинроқ, мумкин бўлса, — илтимос қилди Роберт Борк, — сен бақирган билан ҳеч нарса ўзгармайди.
– Сен жим ўтирганинг билан ҳам ҳеч нарса ўзгармайди!
ҳар иккаласи ҳам дили хуфтон бўлиб жим қолишди. Ташқарида қоронғи туша бошлади. Кузнинг ажойиб гўзал кунларидан бири ҳам тун қўйнида ғойиб бўлди, ундан дарду алам, ғаму ташвиш қолди, холос. Эртанги кун қандай бўлишини Худо билади.
— Кўзимга, ўзимга ишонмайман, — қалтираган овоз билан жимликни бузди Жесси. — Ана шу улкан муаммо теварагида мунозаралар бўлишини билардим. Лекин сенга шундай разиллик ва пасткашлик билан муносабатда бўлишади деб ўйламаган эдим... Ғаразгўйлик билан бир одамни бутун дунёга шармандаю шаримсор қилса бўлаверар экан-да?! Ўша аблаҳни ўзимгина ўлдириб қўя қолсам! Шу одам Америкага президент бўлармишми? Худо бордир, охир! — Жесси ҳўнграб йиғлаб юборди.
Борк ўрнидан турди-да сув қуйиб хотинига тутди. Жесси сув ичар экан, сувни юзига сепди ва талвасадан стакан чеккасини ғарч-ғарч тишлади.
— Тинчлан, Жесси, энди менга қулоқ сол, — деди-да, хотинининг бошини силамоқчи бўлди.
Жесси ўзини нари олди.
– ҳеч кимга қулоқ солмайман, ҳеч кимга, ва менга ҳам ҳеч нарса дема, Худо ҳақи! — у йиғидан гапиролмай қолди.
– Бўпти, мени кечир. Бирпас ёнингда турай. Кечир.
Хотини курсида ўтирганча бутун вужуди тўлқинланиб, ўзини тўхтатолмай йиғлайверди. Борк хотинининг сочлари оқариб кексайиб қолганини энди пайқади, бунга илгарилари аҳамият бермаган экан. Буни ҳозир, мана шу машъум дақиқада кўриб турибди.
Борк бўлса ўзини уйида эмас, бошқа жойда тургандай ҳис қилиб хонада дуч келган томонга бориб келар эди. Кўзи ҳеч нарсани кўрмас, жарликка қулаб тушадигандай — унинг учун тўхтаб туриш ҳам, юриш ҳам қўрқинчли эди, — зимдан бўлган зарбанинг кучи ана шундай даҳшатли эди.
Борк баъзида рингдаги боксёрларнинг жангларини телевизорда кузатар экан, енгилиб қолган йигитга раҳми келиб, битта зарб билан нокаут бўлган боксчи теварак-атрофга бошқа сайёрадан келиб қолгандай олазарак бўлиб нигоҳ ташлаб турганда унинг хаёлидан нималар кечиши ҳақида ўйлаб кетар эди. Бунинг қандай бўлишини билиб олди. Энди у тушунди: атроф олам ўз ўрнида тураркан-у, одамнинг ўзида, унинг ички дунёсида — каллада, кўчадаги тошқин ёмғир сувидай ғувиллаб оқиб юрган қонларда, тафаккурнинг ана шу қутурган сел сувлари ювиб кетадиган қоронғи жарлигида бебош фикрлар туғёнида барбод бўларкан.
У анча вақтгача у ёқ-бу ёққа юриб турди, узоқ ва машаққатли йўл босгандай бўлди, балою офат исканжасига тушган тафаккур ўша қоронғи жарликда, ўтмиш вайроналарида безовталанар эди, у бундан бир соат олдин ҳам ўз ихтиёри ўзида эди. Шахсияти ҳақорат қилинмаган эди. Энди эса ҳаммаси Оливер Ордок томонидан, у йўлдан оздирган оломон томонидан оёқости қилинган, куйдириб-ёндирилган эди. У ўзининг шахсияти поймол қилинганлигини ҳатто жисмонан сезди. Баданини олов қоплади. Борк одамлар кўз ўнгида биринчи бор ҳалокатга учраган эди. Энди буёғи нима бўлади? – деган савол туғилди. Ҳамманинг кўз ўнгида иззат-нафсини оёқ ости қилган кучга таслим бўлиб, ўзини пешонасидан отиб ташласинми ёки куч тўплаб беллашувга тайёрлансинми — учинчи йўл йўқ эди; ҳамма замонларда одамлар айниқса мағлубиятга учраган пайтларида бор куч-қувватини ишга солиб ғаним билан беллашганда адолатнинг, ҳақиқатнинг албатта тантана қилишига ишонишган. У бир кун келиб ўзим ўзимга “ё ҳаёт – ё мамот” деб қасам ичаман деб ҳечам хаёлига келтирмаган эди. Ўша дақиқаларда ўзича яна бир аянчли кашфиёт қилди: унинг фожеаси — Жесси учун шахсий фожеасидан ҳам даҳшатли эди. Шу боисдан унинг кўнгли янада ғаш бўла борди, Жессининг дарду аламини енгиллата оладиган биронта усул, биронта сўз топилмас эди. У бўлиб ўтган воқеаларнинг нималарга олиб келишини жуда яхши тасаввур қилган эди.
— Роберт, — деди Жесси хўрсиниб йиғлар экан.
– Ҳа, Жесси, бир нарса демоқчимисан?
– Роберт, мен ҳозир бир нарса ҳақида ўйлаб кетдим, — деб сўз бошлади-да, жим қолди. Роберт кутиб турди. — Ваннадан сочиқ олиб келиб бер.
 Борк сочиқ олиб келди. Жесси юзини артар экан, ёшини тийишга ҳаракат қилди.
– Бир нарса демоқчимидинг, Жесси?
– Менга бир фикр келди, Роберт, бугун сенинг бошингга ҳам космосдаги Филофейнинг бошига тушган фалокат тушди, бу идеализм фожеаларидан. Мен сенинг севикли Суқротинг ҳақида ўйлаб кетибман. Худди ўша замонларда бўлгани каби, кўп вақтлар ўтгандан сўнг идеалистик утопияга (хаёлпарастликка) оломон қарши чиқди. Кимдир бировнинг калласига қоп кийдиради ва ҳамма шунга ташланади.
– Эҳтимол шундайдир, — деди Роберт босиқ оҳангда.
– Шундайми-йўқми, ёки тахминан шундайми. Лекин нима бўлганини сен ўзинг кўрдинг-ку, Роберт. Мен Ордок ҳақида гапирмаяпман, биз уни яхши билмас эканмиз, сен у билан суҳбат қилмаслигинг керак эди. У шундай разил нусха эканки, президентлик курсиси деб ҳар нарса қилишга — Ҳар қандай ёлғонга, ҳар қандай туҳматга ва уйдирмага тайёр экан. Мен у ҳақда гапирмоқчи эмасман, минг лаънат унга. Лекин катта спортзални тўлдириб ўтирганларнинг қандай даҳшатли оломон эканлигига қара! Буни қутурган сон-саноқсиз йилқига ўхшатиш мумкинки, бундай уюрлар ўтган жойларда гуллар эмас, балки хор-тиканлар битади. Ҳаммасини худо олсин! Оҳ, Роберт, бу оломон, бу дарранда! Бу нима, нима ўзи, қандай даҳшатли манзара! Ё парвардигор! — Жесси юзини сочиқ билан ёпиб олиб яна ҳўнграб юборди.
– Бас қил, Жесси, ўзингни бос, ўтиниб сўрайман, сен буни юрагингга жуда яқин оляпсан. Сени тушуниб турибман, лекин ўйлашиб олайлик, масалага бир оз узоқдан қарайлик — хотинини юпатмоқчи бўлди Борк. Уни юпатар экан, мантиққа асосланишга, ғазаб отига кўр-кўрона минмасликка ундади ва ўзи ҳам анча тинчланди. — Сен кўп жиҳатдан ҳақсан, бу тўғрисида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Шу билан бирга Суқрот айтган фожиа вақт танламайди, бу ҳам тўғри. Ўйлаб кўр. Бу шундай бўла қолсин. Омма — бу пода, табиий офат ёки сенинг сўзинг билан айтганда — уюр ва шу билан бирга бу — ижтимоий ҳаётнинг суянчиғи ҳам. Қочиб қутула олмайсан! У инсоний моддият, ҳаёт ана шу негизга қурилган ва яна шунинг устида турипти. Турмушнинг тузилишида, айтиш мумкинки, ҳаёт диалектикасида мантиққа тўғри келмайдиган бир хусусият — абадий фожеа яшаб келади: мутафаккир жамият қонунларини кашф этади, жамият бўлса худди ана шу хизматлари учун уни муртад деб эълон қилади, кейинчалик эса худди ана шу кашфиётларни қурол қилиб олади. Инкор орқали кўз очилади.
– Роберт, — хотини унинг сўзини бўлди, овози ва нигоҳи билан таъна тошини отиб. — Сен хоҳлаганингча фикр юритаверишинг мумкин, лекин кўз очилиш борасида менга нималарнидир уқдираман деб овора бўлма. Кўзни очиш учун одамни олдин оёқости қилиш керакми? Шундайми? Йўқ, мен бунисини қабул қила олмайман. Мен билан сенинг фалсафа сотадиган вақтимиз эмас. Кун кеч бўляпти. Агар кўнглингга тугиб қўйганинг бўлса, эртага эрталаб айтганинг дуруст. Ўйлаб кўр.
– Ҳа, кўнглимга тугиб қўйганман.
– Роберт, бунинг маъносига ақлим етиб турипти, ҳамма Ордок тарафда, сен тарафда эса микрофонга чопиб келган, оти нимайди, ҳалиги йигитни ҳисобга олмаганда — Ҳеч ким йўқ.
– Энтони Юнгер.
– Жилла қурса ўшангга раҳмат. Энди равшан бўлди, сенга қарши фитна уюштирилган, сен бунга жавоб бера олмасдан тура олмайсан. Қарагин, агар ҳақиқат сен билан Филофей томонида эканига имонинг комил бўлса, қандай бўлмасин ана шу ҳақиқатни, — ўзинг нуқтаи назарингни ошкора исботлашга ҳақлисан.
– Мана бу фикринг мутлақо тўғри, Жесси, сен айтгандай — ошкора, ҳаммага эшиттириб. “Трибюн” газетасидаги мақоладан кейин дарҳол матбуот конференцияси бермоқчиман. Шундан сўнг воқеаларнинг қандай кечишини кўрамиз. Мақоланинг катта қисми тайёр, компьютерда турипти, лекин митингда менга кўп нарса ойдинлашди, кўп нарсалар янгичасига юз кўрсатди, бу эса, менинг билишимча, Филофейнинг ҳақ эканини исботлайди. Мақолада баъзи бир ўринларни охирига етказиш, тўлдириш, кучайтиришга тўғри келади. Кўриб турибсанки, мен ўз ролимни ўйнаб бўлмасдан саҳнадан кетиш ниятим йўқ. Филофей ҳақ ва мен уни ҳимоя қиламан.
– Шундай экан, вақтни бой бермаслик керак. Ўзинг тушуниб турибсан. Биз ақл-ҳушимизни йиғиштириб олишимиз лозим. Бу — жанг. Мен шундай деб биламан. Ҳақиқий жанг!
– Тўғри. Лекин бу жанг рақиб фойдасига, душман фойдасига, ғанимнинг ўз устидан ўзи узил-кесил ғалаба қилиши учун олиб бориладиган жанг. Мен спортзалда қарсак чалганларни назарда тутаяпман. Бу жангнинг моҳияти ана шунда.
– Тушуниб турибман. Лекин бундай деган билан кўнгил таскин топмайди. Буни мен хоҳламайман, тўғрироғи қабул қила олмайман. Мен ўзимни ўзгартира олмайман. Мени кечирасан. Душман учун жон куйдириш, шартли айтганда, қотилни қутқариб қолишми? Яна христиан ақидаларими?
– Ошиқма. Бу христианларгагина эмас, балки истисносиз барча диндорларга тегишлидир. Афсуски, биз одамлар, ақлли махлуқлар доимо бузиб айнитиб туриладиган ҳаёт учун жавобгарликдан ҳар қандай қилиб бўлса ҳам қочиб қутилиш мақсадида югуриб-еламиз. Бунинг учун талай важ топамиз, эзгуликни ёвузликдан фарқ қилмаймиз, ҳеч нарсадан тап тортмаймиз, аслида эса барча фалокатлар ана шундан келиб чиқади, буни эса кўпчилик тушунишни ҳам хоҳламайди. Фақат шу йўл билангина яшаш мумкин эканлигига ва бошқача яшаб бўлмаслигига ўзимизни ишонтирмоқчи бўламиз. Сайловолди митинги шуни кўрсатмадими?! Ахир ерда бизларнинг ўзларимиздан, одамлардан бошқа ёвузлик соҳиби йўқ. Бироқ ҳар бир киши ёвузлик манбаини бошқа бировларда, ўзидан ташқарида, ўз гуруҳидан, ўз тоифасидан, миллатидан, давлатидан ташқарида ва ундан ҳам нарида — ирқидан, динидан, мафкурасидан йироқда деб билади... Ҳаётда ёвузликлар давом этмоқда. Эмбрионларнинг ҳаётга қарши чиқишигача етиб борилаётир. Тўхта! Бошқа йўл йўқ. Ундан нарида мутация ва наслнинг айниши! Буларнинг ҳаммаси ҳалокатга олиб келди ва борган сари авж олади, биз технологик жиҳатдан қудратлироқ бўла борган сари бизнинг гумроҳликларимиз ва уятсизлик ҳамда бошқаларга нисбатан шавқатсизликларимиз даражаси қўрқинчлироқ тус ола боради. Филофей генетик оркестрнинг бузилган торларидан бирига тегиб кетд-ю кўнгилсизлик ва қаҳр-ғазабга сабаб бўлди!
– ҳой, Роберт, бас, — деди Жесси. — Яхшиси, сен бу фикрларингни халқ олдида айт, одамлар эшитсин.
Иккаласи ҳам жим қолишди. Жесси ҳар қанча ҳаракат қилмасин, кўз ёшлари яна уни бўғиб қўйди;
— Мени кечирасан, Роберт, ўзимга келолмаяпман, спортзалда кўрганларимдан шунақанги хўрлигим келяптики, — деди Жесси ҳиқиллаб. — Оломоннинг ана шундай ваҳшийликларидан сўнг кўнглим шундай ғашки, гўё иккимиз ёнғиндан ёппасига куйиб кул бўлган ўрмонда юргандаймиз. Теварак-атрофдаги барики нарсалар — дарахтларнинг таналари-ю шох-шаббалари, ўт-ўланлар — Ҳамма-ҳаммаси ёниб кул бўлган-у, азадор аёлдай қора либосга ўранган ердан бошқа ҳеч нима кўзга ташланмайдигандай! Нима бўларкин? Нимадир бўлиши керак! — ўз-ўзича пичирлади Жесси.
Борк хотинини юпатиш билан овора бўлди. У Жессининг бундай асабийлашиб жазаваси қўзиганини ҳеч эслай олмайди. Ҳар доим сарамжом-саришта, ҳамма ишни ўрнига қўядиган аёл, Боркдан ҳам кўра уддабурон. Ордокнинг юзсизлигидан саноқли дақиқаларда адойи тамом бўлди у.
Бироқ тезлик билан ҳаракат қилиш, вақтни бой бермаслик зарурияти Жессини ўзини қўлга олишга ундади.
— Мен сени тушуниб турибман, Роберт, — рози бўлди Жесси. — Ўзингни зўрлаб бўлса ҳам кабинетингга кир, ишла. Мақолангни тугат. Кофе тайёрлайман, — ошхонада ичамиз, хоҳласанг олиб келиб бераман. Ишласанг бўлди. Ҳаракат қил. Мен меҳмонхонага бораман. Виолончель чалгим келяпти. Шостаковични чаламан. Бешинчи симфониясини. Сен ёз. Нималар ҳақида ёзишни биласан. Ҳеч қаёққа телефон қила кўрма, илтимос қиламан. Телефонларни ўчириб қўйдим. Учаласини ҳам. Бор. Сен пастдан мени эшитмайсан. Эшик-деразаларни ёпиб оламан.

Е т т и н ч и б о б

Мусиқанинг овози меҳмонхонадан иккинчи қаватга элас-элас эшитилиб турарди. Виолончелнинг ноласи ўша кечаси Боркка бир умр ўз тақдирини унинг тақдири билан қўшган аёл борлигини эслатиб турди. Кейинчалик уларнинг руҳлари ҳам бир-бирини таниб, шу кечадаги тинимсиз мусиқани беадад масофалардан эшитиб туришса не ажаб...
У ўша кечаси ҳам компьютер олдида ўтириб, эртанги газета матнининг монитордаги электрон сатрларини кўздан кечирар экан, яна уммондаги китларнинг ташвишли оҳларини эшитди. Улар яна қаён йўл олишган? Ер куррасининг қайси бир гўшасида қандайдир бир ҳодиса юз берганмикин? Яна одамлар ҳаммаёқни ағдар-тўнтар қилишдимикин? Тўлқинлар бир-бирларини устига тоғ қулагандай ёпирилиб, сув қутуриб, океаннинг куч-қудратини ямлаб ютар, яна кучига куч қўшар эди, китлар эса сузишда давом этар эди. Орадан кўп вақт ўтмасдан унинг ўзи ҳам китларга қўшилиб кетди. Уммон суви юзаси компьютер экранида тун қаърида милт-милт этиб ўчиб турар эди; компьютер экрани эса шу онда узоқ коинотни ҳам, оналар қорнидаги ҳомилаларни ҳам абадийликнинг Борк сўзида ўз ифодасини топган бир бутун узлуксиз силсиласида қамраб олгандай; у океанда сузар экан абадийликни Дунёвий руҳ сиймосида изоҳлашга ҳаракат қилди, ахир Дунёвий руҳ ҳамма учун битта ва ҳар бир киши учун алоҳида бўлиб, ердаги борлиқнинг бир бутунлигида ва узуқ-юлуқлигида намоён-ку... Экранда сатрлар бирин-кетин пайдо бўлар экан, бир бутун матнга қовушди: “Кассандра тамғаси ўзларининг сиёсий мақсадлари йўлида куйиб-пишиб юрган қай бир нотиқлар айтганчалик шармандалик ва ҳақорат нишонаси эмас, балки бу — балойи офат белгиси, кутилмаганда юз кўрсатган, олдинлари одамларнинг тушига ҳам кирмаган, дунё миқёсида кўзга ташланмайдиган ва инсоният учун машъум ижтимоий-биологик ҳодиса ўлароқ фавқулодда тадбирлар кўришни тақозо қиладиган балойи кабирамизнинг жимитдек хабаридир. Филофейнинг кашфиёти шундан дарак берадики, бизнинг ўз-ўзимизни англашимизга генетик босқичдаёқ шикаст етган — авлоддан авлодга дунёвий руҳ идеалларига зид яшаб келган одам айби билан шикаст етган. Фожиа шундаки, биз кассандра-эмбрионларнинг яшаш учун курашдан бош тортишга олиб келган сабабларини тан олмаётирмиз, ўзимизни четга оламиз, чунончи, сайловолди мажлисида ана шундай бўлди. Яшашга бўлган хоҳишнинг сўниши жаҳон цивилизациясининг сўнишидир. Ана шу охирзамон демакдир. Бошқача айтганда, охирзамон ўзимизда воқедир. Инстинктив сезиш қобилиятига эга бўлган кассандра-эмбрионлар ана шуни илғаб олади ва дунёни қамраб оладиган компьютер экранига ўхшаб, ҳомиладор аёллар манглайида нишон берадиган Кассандра тамғаси орқали ҳаётдан қўрқаётгани ҳақида хабар қилади. Кассандра тамғасининг ўзидан эмас, балки генетика қаърида ана шу охир замон ўпирилишига олиб келадиган сабаблардан қўрқмоқ керак. Биз мислсиз хатога йўл қўяётирмиз... Филофей иғвогар эмас, у – самовий пайғамбар...”
Борк шу онда худди китларнинг шовқин кўтариб океанда сузаётганини, йўлини тўсган тўлқинларни бор вужуди билан ёриб ўтаётганини эшитди ва китлар йўлида океан суви ёнгандай ёғдуланаётганини компьютер экранидан кўриб турди...

* * *

Қизил майдонда эса тун ярмидан оғган шу кезда машҳур Спас минорасидаги соат миллари бойқуш вақтига — кечаси соат учга яқинлашмоқда эди. Бойқуш Кремль курантлари дунёнинг тўрт томонига ғулғула солиб уч марта бонг урадиган ардоқли пайтини кутар эди, шундан сўнг у ўрнидан қўзғалиб минора тепасидан пастга тик учиб тушади-ю, чорқирра тошлар терилган майдон юзасидан ғиз этиб кўтарилади-да, Кремль девори бўйлаб учиб нарироққа ўтади ва ҳар галгидай Қизил майдон устида шовқинсиз чарх уради ва мақбара устидан ўтгач теварак-атрофга назар ташлаб, ёруғ дунёда нималар бўлаётганига сер солади. Бу сафар ҳам бойқуш икки пакана-хумкалла шарпа билан учрашиб, уларнинг ўзаро суҳбатларига қулоқ тутишга умид боғлар эди. Уларнинг суҳбатлашишлари учун эса баҳона кўп эди, кўп бўлганда қандай? Боиси шундан сал олдин Қизил майдонда қўрқинчли воқеа рўй берган эди. Бойқуш шунча йил яшаб бунақасини кўрган эмас.
Иккинчи томондан, соғлом фикрли одамларнинг ақли етмаётган нарсага арвоҳлар билан ош-қатиқ бўлиб юрган қуш бўлиб қушмас, инс-жинс сиёқли бу парранданинг – Спас минорасининг туғди-битди бойқушининг ақли қандай етсин.
Бунинг ҳаммаси куз куни пешин пайтида ҳСКни – Ҳарбий-саноат комплексини ҳимоя қилишга бағишланган митинг ўтказиш учун Қизил майдонга халқ оқиб келаётган кезда бошланди. Журналистлар ёзганларидек, қайта қуриш мудофаа саноатининг томоғига туриб қолган суяк бўлди. ҲСКни тиклаш билан давлатимизнинг олдинги қудратини сақлаб қолиш мумкин, деган зорланиш айрим доираларда аллақачондан бери қулоққа чалинарди. Дарҳақиқат, бундай фикрлар эндигина тугай бошлаган ўрмон ёнғинининг ҳиди каби ҳавода анқиб юрар эди. Мана, ёнғин яна ловуллаб аланга олди, миллий ҳушёр тортиш ҳиссини уйғотганлар – афкор оммани қурол билан савдо қилишни яна ўрнига қўйишга чорловчи кучлар ва ҳарбийлаштирилган давлатчиликнинг асоси ҳисобланган ва қайта қуриш деб аталмиш сиёсат оқибатида ҳамда маккорлик билан иш кўрган Ғарбнинг манфаатларини кўзлаган радикал-демократлар дастидан вайрон бўлган ҳСКни тиклашга чақирувчи кучлар бунга талай ёрдам берди.
Қизил майдонда ҳар томондан келган одамлар йиғилди. Митингга тўпланганларнинг кўпчилиги четдан – олдинлари “почта яшиклари” деб аталган ва номерлаб қўйилган “ёпиқ” шаҳарлардан келган кишилар эди. Конверсия жараёнида махфий бўлмай қолган “яшик”дан Москванинг барча вокзалларига поездларда гурра-гурра одамлар келишди ва автомагистралларни тўлдириб колонна-колонна бўлиб шаҳар марказига томон йўл олишди. Уларга Москва “мудофаачилари”, миллий ватанпарварлар, Сталинни қўмсаб қолган пенсионерлар ва бошқалар ҳам қўшилишди. Намойишчилар оғир контузиядан эндигина соғайган, ўтмишдан қолган ғалати нусхаларга ўхшашар эди; улар қонхўр диктаторларнинг суратларини баланд кўтариб боришар эди; ҳолбуки ўша ҳокимларни яқин-яқинларда ҳам худди мана шу кўчаларда ғазаб билан ҳақорат қилишган ва лаънатлашган эдилар.
Намойишчилар сони кўпайгандан кўпайиб борди, ҳСКнинг сирли қаърида олдинлари қанча ишга яроқли кишилар банд бўлганлигини шундан ҳам билса бўларди. Дунёнинг ярмисини қуроллантиришди. Ишнинг пачаваси чиққанини бирдан сезиб қолишди – ишлаб чиқариш қайта қурилмаса конверсия ҳСКда ишлаб келганларни ишсизликка маҳкум этгусидир. Шунинг учун улар ғимирлаб қолишди... Бу намойиш ҳамманинг кўз ўнгида харсангларни ҳам, тўнкаларни ҳам, томдан тушган тунука-ёғочларни ҳам оқизиб кетаётган тошқин селга ўхшар ва бунга ҳеч ким бас келолмас эди. Ўша кезларда ваҳимадор чақириқ ва шиорлар ҳам шаҳар кўчаларида ўз “харсанглари, тўнкалари, тўнка-ёғочлари”ни ағдар-тўнтар қилиб олиб кетаётган эди. Мана улар – “Конверсия тўхтатилсин!”, “ҲКСни барбод қилишга йўл қўймаймиз!”, “Яшасин шонли ҲКС”, “Энг муҳими – давлат!” “Давлатга қарши ислоҳотлар йўқолсин!”, “Танк – барқарорлик гаровидир!”, “Қурол-яроғ сотиб валюта ишлаймиз!”, “Қурол савдосида рақобат қилишимизга халақит берманг!”, “Қуролланиш пойгаси ҳақидаги сафсатага чек қўйилсин!”. Тушунмаганларга бемаънидай туюладиган шиорлар “Почта яшиклари қайта тиклансин!”, “Почта яшикларида яшайверамиз ва ишлайверамиз!”, ҳатто бундайлари ҳам бор: “Пацифистлар, бас қилинг, вақт кетмасин!”, “Бизни маҳв этиш учун совуқ урушлар муносабатидан маҳрум қилишди!”, “Танкдан тоғора ясашларига йўл қўймаймиз!” ва, ниҳоят, “Куч ва миллий бойлик манбаи – қурол-яроғ ишлаб чиқариш яшасин!”, “Ишсизликка йўл қўймаймиз, донишмандларнинг кетиб қолишига йўл бермаймиз!”, “Техникавий тараққиётнинг негизи – совуқ муносабатлар уруши яшасин!”, “Сотқин инсонпарварлар йўқолсин!” ва бунга ўхшаш яна талай чақириқ ва шиорлар. Яхшиямки, ҳар нарсалар ёзилгани билан бир парча қаттиқ қоғоз барибир қоғозлигича қолаверади, лекин бу шундай куч эдики, гангиб қоласан киши.
Давлатнинг ҳарбий жиҳатдан устун бўлиши зарурлиги ҳақида жон куйдирган, ўзларини давлатпарастлар деб атаган сиёсатдонлар хоҳлашадими ёки йўқми, халқаро қурол-яроғ ярмаркаларини ташкил этишда иштирок этганлар хоҳлашдими ёки йўқми, қурол-яроғимизнинг тарихда ҳечам сўнмаган шон-шуҳратини мадҳ этиш борасида қизғин кампания бошлаганлар хоҳлашдими ёки йўқми, булардан биронтаси уйғонган ва жунбушга келган кучларни тўхтатишга қодир эмас эди – Ҳамма-ҳаммаси энди селда оқиб кетаётган пайрахаларни эслатарди; ахир халқаро қурол-яроғ ярмаркалари савдосида биринчиликни олиш миллат манфаати йўлида қилинган савоб иш ҳисобланар эди-да, энг муҳими, миллиард-миллиард доллар соф фойда берарди, бундан юраги ёрилгудай хурсанд бўлишарди, чунки ўша миллиард-миллиард даромаднинг учдан бир қисми бевосита жойлардаги қурол-яроғ яратувчиларнинг чўнтагига тушар эди-да!
Қизил майдонда одамларнинг бошлари денгиздай чайқалмоқда эди. Минг-минглаб тўпланганлар ва уларга келиб қўшилаётганлар ҲКСни ҳимоя қилиб, бутун майдонга сиғмай кетишди ва ҳаммаси ёппасига “Ҳ-С-К”, “Ва-лю-та”, “Кремль – бизники”, “Кремль – бизники” деб бир овоздан бақириб-чақириб, осмонни бошига кўтаришар эди.
ҳаммасини вертолётларда тасвирга олишди, лекин тепадан туриб бутун манзаранинг отилган вулқондай улуғворлигини кўрсатиб бўлмас эди! Умумий митинг, сўзлари мавзолейдан радиокарнайлар орқали кучайтириб берилаётган нотиқлар баробаринда майдоннинг у ер-бу ерларида уюштирилган кичик-кичик митингларнинг ўз шиорлари, расмлари ва чақириқлари бор эди. Машҳур Қатлхона тепалигида фиделчилар йиғилишган эди, уларнинг доҳийларининг расмларидан ва кўтариб олган шиорларидан кўриниб турар эди: “Фидель – биз сен билан!”, “Социализм ёки ўлим!”. Бир-бирларининг қўлларидан ушлаб олган оломон буни кўриб янада баландроқ овозда такрорлади: “Социализм ёки ўлим”. Тарих музейи ёнидаги йўлда саддамчилар тиқилишган. Ана шу ўпқондан чиққандай дарғазаб ва қаҳрли хитоб янграр эди: “Саддам – сен бизнинг биродаримизсан!”, “Сад-дам – сен бизнинг биродаримизсан!” Муштумларини баланд кўтарган бир гала намойишчилар овозлари ҳам уларга жўр бўлди. “Кадда-када-Каддафи!”, “Кадда-када-Каддафи!”.
Узоқ йиллар давомида кўплаб қурол-яроғлар олиб турган деярли барча мамлакатлардан келганлар ана шундай бақириб-чақириб юришди, мухлислар Хитой, Эрон, Покистон, ҳиндистон, Шимолий Корея ва айниқса араб мамлакатлари ва Африка мамлакатларидаги мижозлар шарафига рақсга тушаётгандай қадам ташлаб боришди. Ҳар бир мамлакатнинг ўз ўрни бор: Хитой кўлами ва аҳолиси сонига кўра энг кўп мухлисга эга эди, улар шоир Маонинг “Товус қўшиғи” шеъридан доҳиёна мисрани жўр овоз билан дона-дона қилиб такрорлаб қадам ташлаб боришар эди: “Милтиқ ҳокимиятни келтириб чиқаради!” Сталинчилар улар билан апоқ-чапоқ бўлиб кетишди; улар “Сталинга шон-шараф бўлсин!” деб қаттиқ жўровозлик қилишарди ҳамда генералиссимуснинг безаб-бежалган расмларини баланд кўтариб боришар эди. Ана шу барча ҳайқириқларда Калашников автомати ҳукмронлик қилар эди: “Калаш – Кремль наш!” (Кремль бизники) деган хитоб ҳамма қийқириқ-шиорларни босиб кетди. Мазкур мавзу доирасида тушуниксиз янги шиорлар ҳам пайдо бўлиб қолди: “Ўқ парвози – осмон олмоси!” Бу шиорни “Ракета учса, тепадан олмос ёғади”, деб тушуниш керакмикин? Қанийди, қанийди шундай бўлса! Буларнинг ҳаммаси сохта шод-хуррамлик қозонида вақирлаб қайнар ва у ҳар бир кишида куч-қудрат, зўрлик, елкадошлик ҳиссини жўш урдирар эди... Мана ҳозир шундай бир ҳодиса рўй берадики, эҳтирослар мушаги аланга олади, осмон ларзага келади ва у зот юз кўрсатади. У: орзу-умидларни рўёбга чиқарувчидир. Ким экан ўзи у. У ўша-да! Вассалом! ҳа! Ўша!
Лекин мавзолей минбаридан туриб жар солган бош нотиқларнинг сўзлари ўз ҳолича оқилона ва ишончли эди. Қурол ишлаб чиқаришнинг қисқартирилиши иқтисодиётда ҳеч бир яхшиликка олиб келмайди ва дунё бозорини мил-мил бой Американинг қўлига топшириб қўяди, холос. Америка бўлса бўш келмайди – йил бўйи кечани кеча, кундузни кундуз демасдан шақиллатиб қурол ишлаб чиқараверади, ҳаммани тиш-тирноғигача қуроллантиради ва ҳаммага айтганини қилдиради. Хўш, биз кимдан каммиз? Кейин яна бир важ топишади – конверсия бошлаб берган ишсизлик қақшатқич ижтимоий портлашга олиб келади ва конверсия мамлакатнинг қудратли интеллектуал потенциалини таг-томири билан хонавайрон қилади дейишади. Яна қанча-қанча далил-исботлар кўзланган мўлжалга тегади. Келтирилган ана шундай важ омманинг ғазабини уйғотади.
Лекин бундан бошқа бир куч ҳам бор эди. Худди шу пайтда Манеж майдонида, конверсия душманлари митинг қилаётган оломондан махсус хизмат милиционерлари тўсиб турган қор устида бошқа бир митинг ҳам бўлаётган, у ерда ўзгача эҳтирослар қайнаётган эди.
Бу ерда бўлак халқ, жамиятнинг бўлак бир қисми – демократлар, реформистлар, пацифистлар ва қайта курашнинг бошқа авлоди, қўйингки – эркпарварлар ва ҳар хил либераллар митинг қилишаётган эди. Булар ҳам оз эмас эди, одамнинг кўплигидан майдон чайқалиб тургандай эди, уларнинг ҳам ўз комил ишончлари, қатъийликда, зарбдорликда уларникидан асло қолишмайдиган ўз чақириқлари ва шиорлари бор эди. Транспарантлару плакатлар кўзга ташланарди: “ҲКС имтиёзига барҳам берилсин!”, “Биз ҲКС қули бўлиб қолмайлик!”, «ҲКС – милитаризимга қўл келади!», “ҲКС – бюджет эговидир!”, “Сталиннинг очофат деви йўқолсин!” ва ҳоказо ва ҳоказо, ҳатто шундайлари ҳам йўқ эмасди: “ҲКС – ажалнинг уруғи”, “ҲКС – партократларнинг занжирбанд кўппагидир!”, “ҲКС халқни қулликка солажак!”.
Бу ерда ҳам Қизил майдондаги манзара ҳукмрон, фақат маъно-мазмуни бутунлай унинг тескариси эди.
Бу ерда ҳам намойишчилар ўзларининг пирлари-ю раҳнамоларининг расмларидан куч-қувват топишни унутишмаган. Улар бу расмларни одамлар ва худолари кўрсин деб бошлари узра баланд кўтариб олишган. Қўлларидаги аппаратлари билан бир митингдан иккинчи митингга, Қизил майдондан Манеж майдонига бўзчининг мокисидай қатнаган анвойи мухбирлар билан репортёрлар учун бу воқеалар туганмас кўргазмали материал эди. Ана шундай бўлишига қарамасдан пихи қайрилган репортёрлар бошқаларга ҳеч ҳам ўхшамайдиган икки шиордан кўз узмай қолишди. Иккита навжувон – бир йигит билан бир қиз, кўринишларига қараганда талаба бўлсалар керак, таёққа қоқилган плакатларни даст кўтариб боришаётган эди. Кўрганларнинг кейинчалик ҳикоя қилиб беришларича, иккаласи оломон ичида бўлса ҳам бир-биридан кўз узишмас, узоқлаб кетишмас, гўё ўзи билан ўзи бўлиб хаёлга чўмгандай, бошқалар билан баҳс-мунозарага киришмас эди. Йигитнинг қўлидаги плакатда қора бўёқ билан: “Одам боласи қурол ишлаб чиқариш учун ёруғ дунёга келмаслиги керак” деган сўзлар, қиз ушлаган плакатда бўлса: “Кремль қуролланиш пойгасини яна бошлайдиган бўлса, мен ўзимга ўт қўяман!” деган ғайримантиқий сўзлар қизил ранг билан битиб қўйилган эди.
Иккаласи оломон ичра денгизда адашган қайиқчалар янглиғ санғишар, кимлардир қараб қўйса, бошқалар парво ҳам қилмас, кимдир бу хил чақириқларнинг мағзини чақса, бошқасига бу шиорлар маъноси душвор туюлар эди – бунинг ҳеч ажабланарли жойи йўқ, ахир рангин баёнотлар, шиорлар, эътирозлар, огоҳлантиришлар, қулоқни қоматга келтирадиган жўшқин нутқлар, чиқишлар ҳар икки томонда – Қизил майдонда ҳам, Манеж майдонида ҳам митингчиларнинг бошига ёмғирдай ёғар эди-да!
Энди бўлар иш бўлди, бўёғи сингди. Одатда шундай бўладики, одамлар ақл-ҳушини йиғиб олишгунча кеч бўлади. Ҳар гал жумбушга кирган оломон бошлаб берган воқеа-ҳодисалар кўпинча тасодифийлиги ва таҳликаси билан ҳайратга солади.
Қуёш Кремль деворлари ортига яширинди, бақириб-чақирган оломон узра маъсум ғира-шира чўка бошлади, қорли майдонлардаги митинглар ҳамон наъра тортар ва қутурар, репродукторлардан жаранглаган оташнафас ва таҳликали нутқлар йиғилганларнинг бутун вужудини алангалатиб, энг юқори нуқтага чиқа бошлади. Иккала майдондаги оломон ўзича адолатга даъват этар, ҳукуматга ва халққа мурожаат қилар, фақат ўзининг ҳақлигини, фақат ўз нуқтаи назарини исботлар, бутун жаҳонга фақат ўзининг далиллари ва хулосаларини ошкор этар, куйиб-ёнар, зудлик билан ҳаракатга келишга иштиёқ сезиб ўзидаги куч-қувватни ишга солиш учун жунбушга кирган эди. Ҳар икки томон бир вақтда эҳтиросга минган эди; томонлар радио карнайлари орқали бир-бирларига айб қўйишар, бир томон ўзи ёмон кўрган иккинчи томонни ватан душманларининг жирканч йиғини деб атар эди. Ана дастлабки муштлашиш ҳам бошланиб кетди. “Милитаристлар” ва “антимилитаристлар” омончилар қаторларини ёриб ўтиб бир-бирларини шиорлар ва расмлар қоқилган таёқлар билан ура бошлашди. Хотин-қизлар дод солиб чийиллашса, эркаклар бўкириб сўкина кетишди. Одамлар бир-бирларини муштлаб тепкилашарди. Омончиларнинг оломон сиқувини тўхтатиш, уришаётганларни тарқатиб юбориш учун қилган ҳаракатлари уларни баттар ғазаб отига миндирди. Орадан кўп ўтмасдан, икки томон муштлашиб аралашиб кетди. Гўё одамлар шуни кутиб туришгандай, худди шунинг учун майдонга йиғилишгандай эди. Ана шунда қимматли расмлар ва таъсирчан шиорлар жуда иш берди – қуроллар билан одамлар бир-бирларининг каллаларига туширишарди. Оқаётган қонлар, кўз ёшлари, инграган товушлар, юзлаб эркаклару аёлларнинг, кексалару ёшларнинг ёқалашиш манзаралари – орқа ва олд томондан, ён томондан, тепадан вертолётлардан ва ердаги паст-баланд нуқталардан икир-чикирларигача олинган тасвирлар – қўйингки ҳамма-ҳаммаси жаҳон телеэкранларида намойиш қилинди.
Ана шу пайтда ўша икки ёш – йигит ва қиз воқеалар марказида бўлиб қолишди. Уларнинг ўз шиорларини авайлаб-асраганлари бошларига бало бўлди. Қизил майдонда турган ҲКСчилар ўз шиорини баланд кўтариб, ғазабга минган ватанпарварларнинг бурнига тиқиб олгудай бўлган йигитни кўриб қолишгач конверсиячиларни савалай кетишди.
— Сен, аблаҳ, кимнинг бурнига тиқиб олмоқчисан, кимни аҳмоқ қиляпсан?! – қичқирди улардан бири. — Демак, сенингча биз туғилмаслигимиз керакмиди?! Аҳ ярамас! — Улар шундай дея йигитни дўппослай бошлашди, шиорини йиртиб-йиртиб оёқлари билан эзиб ташлашди. Ана шу пайтда одам боласини хижолатга соладиган ва ғашига тегадиган транспарант кўтариб, агар Кремль қуролланиш пойгасини яна бошлайдиган бўлса, мен ўзимга ўт қўяман деб қасам ичган қиз ёрдамга келди.
Бу қизнинг митингга ана шундай дағдаға билан келиши тўғримиди?! Уни нима мажбур қилди бунга? Нега бундай қилди – ёшлик ғурурими, нодонлигими ёки аксинча, уни комил ишонч ва чорасизлик шу йўлга бошладими? Ва, ниҳоят, нега у ўша машъум шиорни тиқилинчда, мудофаачи – ҲКСчилар йигитни калтаклаётган даврага кирмасдан олдин ташлаб юбормади?! Шу пайтда ҳалиги қиз қўлига бошқа шиор олди-да, йигитга ташланиб қичқирди:
— Нима қиляпсизлар? Тегманглар унга! Сизларга ким ҳуқуқ берди? Қўлларингга эрк берманглар! Бас қилинглар!
Нафи бўлмади. Йигитни чамаси беш киши тинимсиз дўппосларди. Уни калтаклаб ҳаммаёғини моматалоқ қилиб қўйиб юборишса ҳам майлийди. Лекин бу тўқнашувнинг нима билан тугашини, ўзига кучи етмаган, ақлдан озган оломоннинг нимага қодир эканини ким билибди дейсиз?
Қутурган ҲКСчилар қизни бўралаб сўкиб кутиб олишди:
— Сен, қанжиқ, туёғингни шиқиллатиб қол, бўлмаса сен ҳам насибангни оласан!
Худди шу онда оғзидан боди кириб шоди чиқаётган бир хотин нишонга урди:
— Ҳа, иғвогар! ҳали сенмидинг ўзингга ўт қўядиган! ҳой, одамлар, мени ушланглар, қўрқаман, ҳозир мана бу иғвогар қанжиқ ёниб кетади. Кейин кўз ўнгимизда Кремлимиз ағанаб тушади! Башарасига тушуринглар унинг, уйини тополмай қолсин!
Қизга ҳамла қилишиб, камзулини йиртиб ташлашди. Унинг юзидан қон оқа бошлади.
— Тегманглар! Газандалар! — бақирар эди у қўрқа-писа юзидаги қонни артар экан.
Унинг ҳам шиорини бир зумда парча-парча қилиб ташлашди.
— Хўш, қалайсан энди? Ловиллаб ёнасанми ё тутабми? Бунақанги тутуриқсиз гапларни ёзишдан олдин ўйлаб кўриш керак эди! Нега ёнмаяпсан?
Бундан кейинги воқеалар бир зумда бўлиб ўтди.
— Сен менга гугурт чақиб ташла! — беихтиёр баланд овозда деди қиз заҳархандалик билан, кулиб ўзига қараб турганларга.
Шунда кимдир гугурт қутисини қўлига олиб чақмоқчи бўлди...
— Кимда зажигалка бор? Ха-ха-ха! Яхшиси сен унга зажигалкангни тегиз! — деб таклиф қилди кимдир.
— Тўхта! Ёқма! — деб бақирди қизнинг шериги ҳалиги йигит — калтаклаётган одамнинг чангалидан чиқар экан. Лекин улгурмай қолди. Ёниб турган гугурт донаси қизнинг елкасидаги синтетик курткасига тушди-ю у олов ола бошлади.
ҳамма анқайиб қолди, кейин орқага тисарилиб, чор атрофга қочиб қолишди.
Бутун бадани аланга олган қиз қочиб қутуладигандай у ёқ бу ёққа чопиб, даҳшат билан айюҳаннос сола бошлади. Қизил майдонда ҳамма-ҳаммаси ағдар-тўнтар бўлиб кетди. Оломон саросимага тушиб қолди.
Нарироқда кимдир ташлаб кетган бомба портлабди, кимдир ўзига тириклайин ўт қўйибди, ёки ундан ҳам даҳшатлиси – ловуллаб ёнаётган биттаси митингда қатнашганлар орасида жонсарак чопиб юрибди деган овоза яшин тезлигида тарқалиши билан одамлар ҳаммасини унутиб шоша-пиша ўша томонга чопа кетишди. Оломон катта-кичик кўчаларда бир-бирларини босиб, йиқитиб, дод-фарёд солиб қичқиришар, ўзлари учун мўътабар бўлган расмларни ва алангали чақириқларни ҳеч кераксиз нарсалардай оёқ ости қилиб борар эди. Одамлар ақлдан озгандай ўлгудай қўрқиб чопишар, ўзлигидан қочишар эди.
Нега бундай бўлди, Кремль биқинида бўлиб ўтган тўполоннинг сабаби нима – ҳеч ким жавоб бера олмас эди. Ўзимга ўзим ўт қўяман деб пўписа қилган қиз ёниб кетгандан буён умум қабул қилинган қонун-қоидаларни бузибми ёки ҳазиллашибми, ёки жиддийми – хуллас вақтнинг янги ҳисоби бошланди. Ёнган қизнинг бақириб-чақириб у ёқдан бу ёққа чопиб юрганини ҳамма кўрди. Қиз ерга йиқилди. Уни ҳалиги йигит ва у билан бирга бўлган бир неча омончилар қувиб етишди. Улар қизнинг кийимларини шоша-пиша ўчиришга уринишди. Лекин энди кеч эди. Йигит тиз чўкиб нима қиларини билмай бошини чангаллаб қолди. Худди шу дақиқада, бўшаб қолган майдонга вертолёт келиб қўнди, у бунгача телевидение учун тасвирга олиб юрган бўлса керак. Вертолётнинг қулоқни батанг қилиб айланаётган парраги тагида шамол ва шовқинни назар-писанд қилмай одамлар чопиб чиқишди, қизнинг жасадини кўтариб олишди, ўша йигит билан икки омончини олиб вертолет ҳавога кўтарилди. Лекин кимдир бунинг ҳаммасини тасвирга тушуришга улгурган эди.
Вертолёт парвоз қилиб, Қизил майдон устидан ўтди. Спас минорасининг бўйи бараварли кўтарилгач, йўлини давом эттирди-да, Тошкўприк устидан ўтгандан кейин Москва дарёсининг соҳили бўйлаб учиб кўздан ғойиб бўлди...
Ўз ғоялари йўлида жон-жаҳди билан, орқа-олдига қарамасдан, ўзларини қаҳрамонларча қурбон қилган икки навжувон талаба фожиаси ҳам ўрмонда йўқолган қушдай шаҳар бинолари чакалакзорлари орасида вертолёт билан бирга ғойиб бўлди. О, ёшлик, хом хаёлларнинг, ҳалокатга маҳкум орзуларнинг мангулик ҳамроҳидирсан, сен!
Ўша кеча шаҳар маркази узоқ вақтгача тинчланмади, кундузги воқеаларнинг акс-садоси босилмади. Изтироб кўпларни кўчаларга ҳайдади, одамларнинг башараларида, овозларида, юриш-туришларида асабийлик из қолдирган эди. Одамлар тўп-тўп бўлиб баҳслашар, нималарнидир тахмин қилишар эди, лекин бир нарсага ҳеч кимнинг ақли етмасди – бор-йўғи бир гугурт донаси чақиб ташланса-да ўчмаса, ва қиз бир лаҳзада аланга олиб кетса? Бу кўзбойлоқчилик эмас-ку, цирк эмас-ку, ахир! Унинг кийимига қандайдир аланга оладиган модда сингдирилганмикин? Ўлим билан ўйнашиш нечун? Бундай бўлмаса-чи?! Бу бутунлай бошқа нарса, ақл бовар қилмайдиган метафизик ҳодиса – одам ўз ичида ўта юксак кучланишдан ўзи ёниб кетган бўлса-чи? Кечаси фосфорга ўхшаш ёруғлик чиқарадиган одамлар бўлади дейишади. Ким билади дейсиз, валлоҳи аълам!
ҳаш-паш дегунча тун ҳам чодирини ёйди. Кўчаларда одам камайди. Бойқушга ўхшаб кечаси уйқу билмайдиганлар ғимирлаб қолишди, машиналарда шаҳар кезар экан, кўча қоровуллари ва рэкетчилар ҳақини ҳам унутишмас эди. Тунги маишатхоналар эшикларини очди. Шаҳват ҳиссини уйғотадиган хира чироқлар ёнди, электромусиқа ишга тушди, кўкраклар яланғочланди, кулгилар авжига чиқди... Ҳаммасини унутиш, ҳеч нарсани эсда қолдирмаслик, ўзликдан қочиш, худога чап бериб кетиш учун...
Қизил майдонда ўша кечаси сукунат ҳукм сурар эди. Одам боласи кўринмайди. Биронта зот йўқ. Кундузи даҳ-шатли эҳтирослар, аҳмоқлик, аёвсиз калтакбозлик қутурган жойда ҳеч кимнинг тургиси келмасди. Чироқлар хира милтил-лар эди. Намойишчилар калтаклашаётганда ёки чопиб кетаётганда оёқости қилинган портретлар, шиорлар, плакатлар жанг майдонида ташлаб кетилгандай ҳаммаёқда ивирсиб ётарди.
Булар билан бандаи худонинг иши йўқ эди.
Ой Кремль тепасида юксалиб турарди. Бойқуш ўз соатида етиб келди. — У катта қанотларини сассиз қоқиб, ҳавода сузиб юрар экан, соя янглиғ бир у ерда, бир бу ерда пайдо бўлар, тик боқадиган сеҳрли думалоқ кўзларини ялтиратиб, улкан япалоқ бошини илғаб бўлмас даражада қимиллатиб борар эди. У даҳшат ва қўрқинч оғушида эди. Бойқуш мавзолей устидан оҳиста айланиб ўтди ва мақбаранинг эшиги олдида тош ҳайкалдай қотиб турган соқчилар яқинидан зувиллаб учиб, пакана-хумкалла шарпаларни қидира кетди. Ва уларни қоронғи жойда, Кремлнинг ғиштин девори тагидан топди. Йўқ, бу сафар ҳам уларда ҳеч қандай янгилик йўқ эди. Уларнинг чеҳраси бу гал ҳам маънисиз ва ифодасиз, лекин сеҳрлаб қўйилгандай эди. Хумкалла-пакана шарпалар бир-бирига қўл беришиб, турган жойида рақсга тушиб, митингда эшитган чақириқларидан айримларини бир оҳангда такрорлаб-такрорлаб қўйишар эди: “Социализм – ёки ўлим!” Улар “Социализм – ёки ўлим” шиорини чарчоқ билмай, оҳиста, бир хил оҳангда тинимсиз такрорлашди.
Кубаликлар мусиқасига ўхшаш бундай бир текис оҳанг тезда бойқушнинг жонига тегди. Бу ердан учиб Спас дарвозаси қаршисида бир тирик жонга – қаердандир келиб қолган маст-аласт аёлга дуч келди.
Қизил майдонда тентираб юрган жулдур кийимли бу маст аёл ўзининг қандайдир аянчли ашуласини чўзиб-чўзиб хиргойи қилар эди:

Вой алам-эй, нега ҳам*
Туғилдим экан?
Вой энам-эй, нега ҳам
Туғдинг экан?
Вой алам-эй, нега ҳам
Ҳомил бўлдинг.
Туғдинг мени, энажон,
Ғамдан ўлдим.
Вой алам-эй, нега ҳам
Туғилдим экан?
Истамасдим, энажон,
Сен туғдинг бекор.
Вой алам-эй, нега ҳам
Туғилдим экан?
Энажон-эй, нега ҳам
Туғдинг экан?

У майдонни қиясига кесиб ўтар экан, гандираклаб, йиқилиб-суриниб борарди. Кўп ўтмай у ГУМнинг савдо расталари яқинида кўздан ғойиб бўлди. Унинг ғамгин ашуласи бир оз вақтгача қулоққа чалиниб турди, ниҳоят жимиб қолди.
Бойқуш эса Кремль деворлари устида шув этиб кўтарилди-да ўзини дов-дарахтлар ичига урди, у йўқ-бу йўқ ҳалиги аёлга ўхшаб ҳўнграб йиғлаб юборди ва зор-зор йиғлар экан, оғир уҳ тортиб қўяр эди.
Ой юлдузлар орасида юксалиб турар экан, Кремль тепалигидаги гумбазларга, минора найзаларига, томларига ўзининг абадий кумуш нурини сочар эди, бойқуш эса узоқ-узоқлардан океанда сузиб юрган китларнинг нафас олганини сезгандай бўлди. Улар қаёққа ва нима учун ошиқишяпти экан? Нега улар тиним билишмайди. Тўлқинлар ҳам тиним билмайди.

С а к к и з и н ч и б о б

“Трибюн” газетасига мўлжалланган мақоланинг катта қисми тайёр бўлди. Энди хотима қисмини ёзиш қолган эди. Иш якуни яқинлашган сари Борк кўпроқ хавотирлана бошлади: Кассандра тамғаси феноменини илмий изоҳлаб беришга керагидан ортиқча берилиб кетмадимикин, ҳолбуки кўпчилик, эҳтимол мутлақ кўпчилик учун энг муҳими Филофейнинг космосдаги “ғаламислик” ҳаракатларидан нима қилиб бўлса ҳам халос бўлиш эди. Кўрмасин ҳам, куймасин ҳам, кассандра-эмбрионларнинг сигналларини унутса бас. Учига чиққан сиёсатдон Оливер Ордок худди ана шуни сезиб қолди ва шунга қараб мўлжал олди ҳамда муваффақият қозонди. Сўз йўқ, у сиёсий ғалаба қилди. Асли унинг ғалабаси ғирромлик билан қўлга киритилган эди. Халойиқнинг ўзини ўзи алдаб қўйганини қандай қилиб тушунтирса бўларкин?
Борк шуни тушундики, Ордокка нисбатан унда сиёсий маҳорат, сиёсий тажриба етишмас экан. Ҳа, энди улар кутилмаганда умрбод бир-бирларига душман бўлиб қолишди. У, Борк, хоҳлайдими, йўқми, уларни кураш, кураш бўлганда ҳам аёвсиз кураш кутар эди. Худди ана шу нарса — президентликка олиб борадиган йўлдаги мусобақа Ордок учун айни муддао эди. Шу маънода тақдир унга фазода Филофейни, ерда Боркни бебаҳо совға сифатида тақдим қилган эди.
Роберт Борк шу ҳақда фикр юритар экан, ҳаш-паш дегунча сийқаси чиққан сиёсий курашга ўралашиб қолиш, қаршилик кўрсатиш ҳиссиётига берилиб кетиш ҳеч гап эмас экан, деб ўйлаб қолди. Унда Ордок билан юзма-юз учрашиш истаги пайдо бўлди. Унга яқин бориб кўзига тик қараб юрагига наштардай санчиладиган қилиб секингина “Сен бориб турган аблаҳ экансан!” дегиси келди. Ва шундан сўнг ҳаммага Ордок аблаҳ деб айтади ва бундай нусхани ҳокимиятга яқинлаштириб бўлмайди, бу ҳокимиятга иблис келди деган сўз, хавфлиси шундаки, унинг иблис эканлигини ҳеч ким билмайди, дейди. “Йўқ, йўқ, бундай деб бўлмайди, бундай дейиш мумкин эмас, — ўйлади Борк миясига келган фикрдан ўзи қониқиш ҳосил қилмай. — Президент бўладими, бошқа амалдор бўладими, бўлавермайдими, фақат менсиз бўлса бас! Йўқ, йўқ, менинг ишим — сиёсий кураш эмас; одамлар Кассандра тамғалари тўғрисидаги ҳақиқатдан ўзларини четга олар эканлар, улар иродасизлик қилган бўладилар, муаммони янада чуқурлаштирган, ўз бошларига тушган фалокатни баттар авж олдирган — менинг вазифам одамларга ана шу ҳақиқатнинг етказишдир. Лекин ҳақиқатнинг даҳшатли эканлигига, бироқ кўриб ўзини кўрмасликка олиш мумкин эмаслигига, йўл топиш зарурлигига одамларни қандай қилиб ишонтириш мумкин?!
Борк тоза ҳаводан нафас олиш учун айвонга чиққан эди, тун совуқ, куз, ҳаммаёқ хазонрезгилик — қоронғида барглар шамолдан шитирлайди, уни титроқ босди. Ой уфқдан салгина кўтарилиб, катта йўл четидаги ўрмонзор тепаликка тегай-тегай деб тургандай. Ўрмон ортида денгиз бўйидаги қум тепаликларига ўхшаб кетадиган дўнгликлардаги гольф ўйналадиган майдонларни кўз олдига келтирди, ёшлигида бу ерга у тўп тепиш учун келиб юрарди.
Қизиқ, унинг кўрган тушларидан бири эсига келди. Баъзан одамлар тушида кўрганини ўнгида кўради дейишади. Бу тушни кўрганига кўп вақт ўтгани йўқ — тушида ҳаммаёқ гольф майдонлари эмиш, кечаси ой нур сочиб турганмиш, ҳамма шоду хуррам ва эркин ҳис қилармиш ўзини, лекин кўнгилсизлик рўй берган эмиш: чуқурчага тушган коптокни таёқ билан уриб чиқариб бўлмас эмиш — копток ўрнидан қўзғалмасмиш, Борк қанчалик ҳаракат қилмасин, копток қимирламай тураверган эмиш. Шу он қаёқдандир тепа тарафдан кафедрада бирга ишлашган ҳамкасабаси марҳум профессор Макс Фрайд келиб қолганмиш. У Боркка қараб: “Ойга учиб кетайлик, у ерда худди шундай майдонлар бор, гольф ўйнаймиз, дер эмиш. Борк Макснинг сўзларига ишониб, унинг орқасидан эргашиб далалар устидан учиб кетармиш. Хотини Жесси бўлса, ортидан чопиб, “орқага қайт” деб чақирармиш. Ва нима учундир у йиғлармиш. Бу тушнинг таъбири нимайкин? Буниси қизиқ бўлди-ку! Лекин ўйлаб кўрилса, ажабланарли жойи ҳам йўқ. Макс унинг дилкаш дўсти эди, ҳар хил бўлар бўлмас нарсаларга, ҳатто илми нужумга ҳам қизиқиб юрарди. Масалан, гольф ўйнаганда қандай ҳисоб билан ютишини ёки ютқизишини юлдузларга қараб аниқлашга уринар эди. Айтганлари баъзан тўғри чиқар, лекин кўп ҳолларда башоратлари тўғри чиқмас эди. Эҳтимол Макснинг арвоҳи у дунёда бирон нарсани олдиндан сезгандир ва қандайдир кўнгилсиз самовий ҳодисанинг яқинлашаётганини пайқагандир ва шунинг учун дўстини фалокатдан қутқариб қолиш учун Ойга учиб чорлаётгандир. Шунинг учун ҳам тушига кириб огоҳлантираётгандир.
ҳа, Макс ҳаёт бўлганда митингда бўлиб ўтган воқеадан сўнг ярим кечада бўлсаям Ньюберига чопиб келган бўлур эди. Эҳтимол, бунинг нафи бўлмас, лекин мана шунинг ўзиёқ Макснинг тиниб-тинчимас ва ўта даражада садоқатли дўст эканлигини исботлайди. Аҳён-аҳёнда Жесси роялда у қадар мураккаб бўлмаган куйларни бинойидай чалар эди. У баъзан масхаромуз ҳазиллардан ҳам қайтмас эди: “Сенинг барча дўстларинг, Боб, Максга ўхшаган ўлгудай ғалати зиёлилар-да. Аслида сенлар роҳиблар уюшмасини очиб олишларинг, сен жамоанинг бошлиғи, қулинг ўргилсин қаттиққўл мураббийси бўлиб олишинг, сухсурдай Макс эса сенинг ўнг қўлинг бўлиши керак экан, ана ўшанда у ҳамма-ҳаммасига улгурган бўлур эди. Ана ўшанда сенлар фанлардагина эмас, яна бошқа соҳаларда ҳам бор ҳунарларингни намоён қилган бўлурмидиларинг?” Бечора Макс, ахир унинг Жессига кўнгли бор эди ва ўқтин-ўқтин буни ҳазил-мутойиба билан шипшитиб ҳам қўярди. У ширакайф пайтларида юрагидагини айтиб ҳам оларди: “Роберт, эшит, сенга ростини айтсам, менинг турмушимга роса тўғаноқ бўлгансан”.
“Ростдан-а?”
“Сен бўлмаганингда, Жессига муҳаббат изҳор қилган бўлур эдим”.
“Эҳтимол, ҳозир ҳам кеч эмасдир”.
“Йўқ, сен умуман ёруғ дунёга келмаганингда, ана ўшандагина мен Жессига нима дейишимни ўзим билардим”.
“Ундай бўлса, қўлингдан ҳеч нарса келмас экан. Кўриб турибсан — мен ёруғ дунёда яшаяпман”.
“Ана кўрдингми, менинг ҳаётимга роса халақит берганингни энди тушунгандирсан”.
“Макс, дўстгинам, сен яшашнинг жуда осон йўлини танлаган экансан. Мен яшаётган дунёда бахтингни синаб кўр, менсиз бадастир шароитда яшашингнинг қизиғи йўқ”.
“Йўқ, сен бор жойда яйрай олмайман. Ҳечам”.
“Нега эди. Хотин зоти сени деса жонини беради — савлат деса от ҳуркади, ҳусн деса бировдан қарз олгудек жойинг йўқ, мотоциклда учиб юрган кезларинг ҳамманинг кўзи сенда бўларди. Қолаверса, мендан ёшроқсан”.
“Мен мотоцикл шайдосиман, сен бўлсанг дунёга машҳур олимсан, менинг кўрган-билганим мотоцикл, сен эса бадавлатсан, китобларинг учун катта-катта ҳақ оласан, бойлар турадиган Ньюберида данғиллама ҳовли-жойинг бор, хотининг Бах, Бетховен деганларнинг куйларини сенга виоленчелда чалиб беради, мен мотоциклда учаман, сен бўлсанг ҳамма орзу қилган Ньюбери-гольфда копток ўйнайсан, мен мотоциклда учсам, сен Кремллар, Оқ уйларда маъруза қилиб турасан, мен ҳамон мотоциклдаман...”
“Шошма, шошма, Макс, ўзингни қўй оғзидан чўп олмаган қилиб кўрсатаверма. Сен илгарилари фақат мотоциклчигина эмас эдинг, ҳозир ҳам шундай. Ўз фанингда — сиёсий жўғрофия соҳасида маълум ва машҳурсан, бутун сайёра сенинг қўлингда. Гап сайёрадами, сайёра нима бўпти? Секинроқ гапир, сени эрим деб юрган ўша офати жон поляк аёли Анна бу гапингни эшитиб қолса бошингда ёнғоқ чақади. Унда мотоциклинг ҳам ёрдам бермай қолади! Хотининг хом хаёллар оғушида маст бўлиб юрипти-я!”
“Ҳа, Роберт, нозик жойдан олдинг. Анна ҳақидаги гапларинг тўғри, лекин сайёра ҳақидаги фикрингга тўла қўшила олмайман. Сиёсий жўғрофияда ҳамма нарсани билиш керак ёки бу фаннинг ёнига умуман йўламаслик лозим. Бу алоҳида, юҳо фан. Бу маълумот-ахборотлар омборхонаси, банки деса ҳам бўлади. Ҳа, шу маънода мени дунё банкири дейиш мумкин. Мен йигирманчи асрнинг Ротшильдиман. Ҳамма нарсани биламан, ҳаммасидан хабардорман, хўш, бундан не наф? Айтадилар-ку, Олло таоло арши аълода ҳамма нарсани кўради, ҳамма нарсани билади, ҳаммасини назорат қилади, лекин қўлидан ҳеч нарса келмайди...”
Ўша одам энди йўқ. Автомобиль ҳалокатида вафот этди, машинада ўқдай учишни яхши кўрарди. Анна тезда қариб қолди. Ўғиллари уйланган, алоҳида яшашади. Жесси Анна билан телефонда гаплашиб баъзан кўришиб ҳам турарди. Охирги марта Анна шу ёзда келган эди. Ҳаммаси биргалашиб дам олиш, томоша қилиш, ўйин кўриш учун гольф-майдонга боришди. Кун бўйи яхши дам олишди, гольф-клубнинг ресторанида тушлик қилишди. Ногаҳон ўтмишни эсга олишди, Максни кўп хотиралашди... У бу ерларни жуда-жуда яхши кўрарди. Қаерда бўлса ҳам етиб келишга ҳар доим тайёр эди...
Менинг шўрлик дўстим Макс Фрайд! Одамларнинг ақл-идроклари-ю дилларида ҳамма нарса аралаш-қуралаш бўлиб кетган ҳозирги пайтда сен бўлганингда нима деган бўлар эдинг. Пинҳоний генетик довул ҳаммасини ағдар-тўнтар қилиб ташлади. Энди нима қилиш керак: кўпларга ўхшаб ҳаммаси даф бўлсин деб туяқуш сингари каллани қумга тиқиб тураверган маъқулми ёки Худонинг бандаларни огоҳ қилишини кутиб, Яратганнинг кўзига боқиб туравериш дурустми — Тангри қулларини фақат огоҳ қилади, ҳаммасини бари бир инсон ўзи ҳал этади. Бу борада Макс Фрайд ҳақ эди. Боркнинг тушига кириши бежиз эмас. Демак, Макс хавотир олган, ҳодисани олдиндан сезган. Фалокатдан қутқариб қолиш учун чақирган, ойдаги гольф-майдонга таклиф қилган...
Энди буёғи нима бўлади, ахир Ордок аслини олганда бир муаммо ўрнига бошқа бир муаммони ўртага ташлади, жамоатчиликка фириб бериб, диққатни бошқа томонга буриб юборди, ўзини қаҳрамон қилиб кўрсатиш учун эса Боркни сиёсий дуэлга чақирди. Борк бўлса тайёрланиши, бу даъватни қабул қилиши, Кассандра тамғаси ҳақида ўз фикрини билдириши, Филофейни сафсатабозликдан ва сиёсий чайқовчиликдан ҳимоя қилиши лозим. Ордокнинг хатти-ҳаракатини бошқача яна қандай баҳолаш мумкин?! Ўҳ-ҳў, кечаси соат бирдан ошибди, деди Борк эсини йиғиб олиб, ўтириб ишлаш керак. Ҳаялламасдан ишга киришишга тўғри келади. Энди орқага чекиниш йўқ.
Кабинетига қайтаётиб, ойнага қараб тўхтаб қолди. Уйқусизликдан кўзлари қизарган. Бу кўзларда қанчадан қанча дарди алам, ташвиш жо бўлган. Сочлари оқариб кетган. Яхшиямки, бошқаларникига ўхшаб тўкилиб кетмаган. Ўзи Рейн соҳилидаги қоялар каби кексайган — яқиндагина немислар, тўполончи журналистлар ана шу қоялар ёнидан сузиб ўтганда Борк берган интервьюни улар “Кекса қоя билан суҳбат” деб аташган эди. Ўшанда тез орада Борк океан устидан, Атлантика тепасидан учиб ўтар экан, роҳиб Филофейнинг яшиндай чақнаб шиддат билан ер юзига урилишини, момоқалдироқ янглиғ гулдирашини ва дунёни остин-устин қилиб ҳаммани саросимага солишини, ўша шайтоннусха — Оливер Ордокнинг кўзни шамғалат қилиб саҳнада пайдо бўлиб қолишини хаёлига ҳам келтирмаган эди. Нима ҳам қилсин, солишишга тўғри келади...
Борк компьютер ёнига ўтирмоқчи бўлган эдиям, қадам шарпаси эшитилди. Пастдан Жесси чиқиб келаётган экан.
– Хўш, аҳволинг қалай? — сўради Жесси остонада туриб.
– Бир нави, қимиллаб турибман, — жавоб берди Борк ва тўсатдан эсига келиб қолган тушини Жессига айтиб бермоқчи бўлди-ю, лекин ўзини тутди. Жесси чарчаган эди ва шундай бўлса ҳам унинг нигоҳида қандайдир хушхабар сояси жилваланар эди.
– Боб, сенга халақит бермай девдим, лекин мен сени бир ҳайратда қолдиргим келди.
– Мени нима билан ҳайратда қолдирмоқчисан?
– Бир тўп қоғоз олиб келдим. Буларнинг сенга фойдаси тегиб қолар.
– Нима экан?
– Факслар. Кимдан келибди дейсанми? Энтони Юнгердан.
– Энтони Юнгердан? — қайта сўради у. — Хўш, нима депти. Нималарни ёзибди?
– Сенга ҳамма телефонларни узиб қўяман деб эдим-ку, унинг бизга телефон қилиш учун қанчалар уринганини тасаввур этиш мумкин. Ким билибди дейсан? Холлдаги факсни ўчириш хаёлимга келмабди. Бирдан қулоғимга шик-шиқ қилган шовқин эшитилиб қолди, бориб қарасам бир тўп қоғоз ётибди. Мана, ўзинг ўқиб кўр. Ҳар бир бетнинг тепасида “Худо ҳаққи, факсни ўчира кўрманглар!” деб ёзиб қўйилган. Унинг факслари кетма-кет келаётир. Унга нима бўлдийкин? Бечора бола. Ўқи, яна олиб келаман.
Кутилмаган ҳодиса. Кечаси соат икки. Кимдир ухламасдан кетма-кет факс жўнатаётир. Борк билан телефонда бор-йўғи бир марта гаплашган салгина таниш Энтони Юнгер ёзаётир. У сайловолди митингида Ордокни оғзи кўпириб сафсатабозлик қилаётганда тийиб қўйиш учун муваффақиятсиз бўлса-да юрак ютиб уринди ва ўзи Ордокнинг тўдасидан бўла туриб ҳамманинг кўз олдида бошлиғидан алоқани узиб унинг сиёсий қурбони бўлган киши томонига ўтди. Митинг тугагандан кейин Юнгернинг бошига қандай дашномлар ёғилганини тасаввур қилиш ҳам қийин. Ордокнинг ўзи ва содиқ дўстлари Юнгерни хоин деб лаънатладилар. Ордокнинг қаноти остида энди дурустроқ мавқе-амал ҳақида гап бўлиши ҳам мумкин эмас эди. Таниш-билишлари “бунақаси ҳали бўлган эмас — ўзининг йўлини кесиб қўйди” деб кулишаётган бўлсалар керак. Шундан кейин ҳам бу бировга ёрдам қўлини чўзишга — Ордок бадном қилиб ташлаган, оммавий митингда лаънат ёғдирилган одамга кўмаклашишга журъат эта олди. Борк Энтони Юнгер олдида ўзини ноқулай сезса ҳам юрагига илиқлик югурди. Шу вақтгача ҳеч ким раҳми келиб унга ғамхўрлик қилмаган, чунки у ҳар доим мустақил ва ўзига ишонган эди. Энди бўлса зўрлик билан кураш майдонига тортилди, у ердан енгилиб, ҳатто дейиш мумкинки, башараси мажағланиб халқ олдида калака-масхара бўлиб судралиб чиқди. Энди бўлса ўз хоҳиши билан таваккал қилиб жангга кириш учун тишни тишга қўйиб яна оёққа туриш мақсадида ҳозирча ташқи дунёдан яшириниб ётибди. Ана шунинг учун ҳам Юнгер ҳаммасига ақли етганидан факснинг ҳар бир бетида “Худо ҳаққи, факсни ўчира кўрманглар”деб ялиниб-ёлворган эди.

“Мистер Борк, Сизнинг уй телефонларингиз нега ўчириб қўйилганини яхши биламан, — деб ёзган эди Юнгер. — Мен ҳеч қачон жонларингизга тегмоқчи эмасдим, лекин аҳволимни тушунишларингизни сўрайман. Сизнинг олдингизда тиз чўкиб туриб айтишим зарур бўлган фикримни йўқ деганда факс орқали ҳозир баён этолмаслигим мен учун ўлим билан баравар. Сайлов олди митингида рўй берган воқеадан сўнг ўзимни қўйишга жой топа олмайман, мен ҳамма-ҳаммасига, керак бўлса ҳатто қотилликка ҳам тайёрман. Мени бу қадар мудҳиш қадамларга тайёр бўлганлигим учун кечирасизлар. Мен Ордок билан бўлган хунук воқеа домига сизни тортгандай, ўша ахлоқсиз сиёсий мерганнинг мўлжалга нақадар аниқ уришини намойиш қилиш учун Сизни гўё нишон қилиб қўйгандай бўлиб қолдим. Сизга ҳасрат қилмоқчи эмасман, кечирасиз, бироқ қилган ишимдан пушаймондаман: мен кимга хизмат қилганман, кимга тош ташлаганман — энди билдим, кўрлигим ва ўтакетган лақмалагим учун менга бу жазо ҳам оз! Лекин бу ўринда сўз менинг ҳақимда кетмаётир, Худо ҳаққи, кечиринг. Энди гап нима қилиш кераклигида. Кассандра тамғаси нима бўлади?! Хоҳлар эдимки...”
Саҳифа шу билан тугайди, кейинги саҳифа яна ўша ўтинчдан бошланади: “Худо ҳаққи, факсни ўчириб қўйманглар!”

Qayd etilgan


Ansora  10 Mart 2010, 22:21:18

“Шундай қилиб, мистер Борк, энди нима қилиш керак?
Бу соҳада менинг ролим бемаъни бўлса ҳам баъзи бир мулоҳазалар билдиришга рухсат этгайсиз. Эҳтимол, бунинг фойдаси тегиб қолар.
Мистер Борк, гапириш оғир, лекин айтишга мажбурман. Мен шундай таклиф этишга журъат қилганим учун олдиндан узр сўрайман. Лекин мен ҳеч нарса йўқотмайман. Сизнинг олдингизда шунчалик гуноҳкорманки, энди менга бари бир.
Мен шуни назарда тутаётирманки, Ордокни ёлғончиликда айблаш мумкин, чунки у Сиз билан бўлган шахсий суҳбатни рўкач қилади. Бу суҳбатнинг ҳеч қандай гувоҳлари бўлмаган ва бўлиши ҳам мумкин эмас. Сиз у билан телефон орқали гаплашгансиз. Эҳтимол бу ҳақда гапиргандирсиз, гапирсангиз ҳам бошқа нарсалар тўғрисида гапиргандирсиз. Бу ўша Ордокнинг усули: Шарманда қилганни шарманда қил. Телефон орқали суҳбат ҳеч қаерда ёзилган эмас. Мен буни аниқ биламан. Бунга кафилман. Буёғини ўзингиз ҳал қилинг. Агар Сиз шу йўлни маъқул топсангиз, мен сенсация бўладиган раддия уюштираман. Бундай хабарлар деса оммавий ахборот воситалари ўзини томдан ташлайди.
Шу билан бир қаторда курашнинг бутунлай бошқа йўли ҳам бор. Агар Сиз мистер Борк, Филофейнинг ҳақ эканлигига ишонсангиз ва ҳақиқат йўлида ўз фикрингизда қаттиқ турадиган бўлсангиз, мен, гарчанд Сизга ёрдамчи бўлсам-да Сиз билан то охирги жанггача боришга тайёрман. Мен Сизнинг қуролбардорингиз бўлишим мумкин. Сиз жанг олдида турибсиз. Бош тортмасангиз бас, бу ҳақда сўз бўлиши мумкин эмас.
Вазият шундайки, ҳозирги пайтда майдонда якка ўзингиз жангчисиз, эҳтимол бутун ер юзида самовий роҳибнинг томонига ўтган, унинг охирзамон ҳақидаги концепциясини ҳимоя остига олган яккаю ягона кишидирсиз. Сайлов олди митингида бўлиб ўтган воқеадан сўнг, бир ёқадан бош, бир енгдан қўл чиқариб Ордокни қўллаб-қувватлаган “бир бутун халқ фронти”дан сўнг, Филофей кашфиётларини ҳимоя қилмоқчи бўлган кичик бир гуруҳ кишилар ҳам бетараф бўлиб, ғинг демай қолишади. Асосий омма эса...”
“Худо ҳаққи факсни ўчира кўрманг! Шундай қилиб, мистер Борк, митингда сайловчиларнинг акс садоларига қараганда, аҳолининг асосий қисми, ҳатто айтиш мумкинки, бахтга қарши, эҳтимол, мамлакатнинг бутун аҳолиси Кассандра тамғасини аниқлаш бўйича космик экспериментларга қаршидир. Одамлар кассандра-эмбрионлар ҳақида эшитишни ҳам, билишни ҳам хоҳламайди, хотинлар зондаж-нурлар тарафидан назорат остига олинишни истамайдилар. “Альфа-Бейсбол”даги митингда бўлиб ўтган воқеалар ҳақида барча ахборот агентликлари эшиттириш беришди. Ана шундан кейин Ордокнинг обрўси барча штатларда кескин кўтарилди. Ҳозир у из босилмасдан баёнот бериб айтадики, инсон ҳуқуқларини оғишмай ҳимоя қилади, аёл-онанинг азалий муқаддаслигини сўзсиз қўриқлайди ва қаерда бўлмасин — Ерда бўладими ёки космосда бўладими — барча тоифалардаги филофейчиларнинг иғвогарлик кирдикорларига қарши курашади. Сизнинг расмингиз, мистер Борк, айни соатларда телеэкранларда узлуксиз кўрсатилиб тегишли изоҳлар берилмоқда. Москвада Филофейнинг фотосуратлари топилиб намойиш қилинмоқда.
Сиз телефонларнигина эмас, телевизорни ҳам ўчириб қўйган бўлсангиз керак деб ўйлаб юқоридаги сўзларни айтдим. Митингнинг оқибатлари ҳақида, кейинги воқеалар қандай кечаётгани тўғрисида тасаввурга эга бўлишингиз керак. Бу жараён авж олди ва уни назорат остига олиб бўлмай қолади деб қўрқаман...”
“Худо ҳаққи, факсни ўчира кўрманг!!!
Шундай қилиб мистер Борк, бу жараённи назорат қилиб бўлмайди, ва шунинг учун Сиз, назаримда, энг аввал, ана шу шароитда ўз мавқеингизни, ҳаракат йўлингизни аниқлаб олишингиз лозим. Ахир, “генофондни назорат остига олиш”га қарши оммавий норозиликлар бошланиб кетиши ҳеч гап эмас. Агар Сиз “Трибюн” газетаси учун мақола тайёрлаган бўлсангиз, редакцияга боришингиз керакми-йўқми эканлиги ҳақида ёки материални факс, телекс билан жўнатиш ёки биров орқали бериб юборишни ўйлаб кўринг, чунки эшитишимга қараганда, редакция эшиклари олдида бир гуруҳ одам тўпланиб олиб, қўлларида шиорлари билан бақириб-чақириб ўз талабларини айтишмоқда ва таҳдид ҳам солишмоқда. Улар газета биносини кечаю-кундуз қамал қилиб туришларини эълон қилишибди. Бундай ҳолларда жўшга келган оломонни ушлаб туришга полиция ҳаммавақт ҳам қодир эмас. Бундай совуқ хабарлар учун кечирасиз.
Яна такрорлайман: Сиз майдонда ёлғиз жангчисиз. Филофей фазода, у душманлардан йироқда, айни вақтда иттифоқчилари билан боғланиш имкониятларидан маҳрум. Сиз қандай йўл танлашингизни ўзингиз ҳал қилинг.
Келажакка бефарқ қарайдиган ва ўзини бу дунёда омонат яшаётгандай сезадиган кишилар чуқур ўйламаганлиги учун тушунмаётган ёки тушунишни хоҳламаётган нарсани сиз тушундингиз ва қўллаб-қувватладингиз. Сиз бир кишисиз, ва бу аслида бир кишини иши. Буюк амалиёт — кўпинча бир кишининг саъй-ҳаракатидан бўлади. Нега шундай, билмадим. Ҳар қандай шароитда ҳам мен Сиз билан биргаман, Сизга ёрдамлашишга ҳозирман, кучим етган ҳамма нарсани қилишга тайёрман, мен Сизнинг олдингизда ўзимни айбдор деб сезаётганим учун, яъни Ордокка Филофейнинг кашфиёти тўғрисида фақат Сиз билан суҳбатлашиш керак деб маслаҳат бериб Сизни маломатга қолдирганим учунгина эмас, балки, энг муҳими, Филофейнинг ғояларига, Филофей билан Сизнинг инсоният истиқболи ҳақида ташвиш тортаётганларингизга қойил қолганим учун ҳам ана шундай қарорга келган эдим. Эҳтимол, одам боласи ҳозиргача фирибгарлик билан яшаб келгандир, эндиликда эса ўзи ўзига — одам бўлсанг дурустроқ бўл, ёки қирилиб битган мамонтларга ўхшаб палеонтологик қатламлар сари йўл ол, — дейдиган вақт келди.
Кечирасиз, яна саҳифа тугади!”
“Худо ҳаққи, факсни ўчира кўрманглар. Мен ҳали ҳамма гапларимни айтиб бўлганим йўқ... Мистер Борк, кечиринг, иш юзасидан сўз очай. Менинг назаримда, эртаги кун бошланди, демак бугунги кун — кўп нарсани айтиб берадиган кун. Энди сенсация ва миш-мишлар тугай бошлади. Ана шу бўронда Сизнинг сўзга чиқишингиз, Сизнинг фикрингиз, мулоҳазаларингизнинг ишончлилиги ва исботлилиги янги бир оҳангдай янграши мумкин. Сиз қандай ҳаракат қилмоқчисиз? Матбуот конференцияси ўтказасизми? Ўтказадиган бўлсангиз, мен уни уюштиришда иштирок этишга, Сизга дастёр бўлишга тайёрман.
Яна Ньюбери шаҳрига Сизни деб эрталабдан, эҳтимол, огоҳлантирмасдан репортёрлар босиб келишар. Сиз улар билан учрашишни хоҳламасангиз, “Мен ҳеч ким билан кўришишни хоҳламайман, мени холи қўйинглар” деб кўринарли жойга эълон осиб қўйишни унутманг.
Мен Ньюберида, гольф майдонларида ва шаҳар атрофидаги истироҳат боғларида бўлганман. Мен яшаб турган Ридингдан машинада ўттиз дақиқалик йўл. Хоҳласангиз Сиз билан ишларни муҳокама қилиш учун келишим мумкин. Ана шу мақсадларда асқатиб қолар деб координаталаримни юборяпман.
Мистер Борк, кечаси соат учдан ошди. Факсларимни топиб олиб ўқирсиз деган умидда тинмасдан ёзаётирман. Мен Сизга кўп нарсаларни айтиб бермоқчиман! Ахир, дунёдаги воқеалар, ҳатто ҳар куни матбуотда хабар бериб туриладиган ҳодисалар ҳам цивилизациянинг таназзулга юз тутаётганидан гувоҳлик бермоқда. Ана шундай шароитда гўдакнинг ёруғ дунёга келиши миналарга тўла майдонга йўл олиш билан баравар. Хўш, ўша миналарни сақлаган майдон қани, ҳаётнинг қайси жабҳаларида яширинган — одамларнинг фикр-хаёлларида, саъй-ҳаракатларидами, жаҳон таълимотларидами, кундалик амалиётдами — буни бармоқ билан кўрсатиб бўлмайди.
Ҳозиргина телевидение орқали кўрсатишди: “Москвадаги Қизил майдонда (мен бу ерда кезиб юришни хуш кўрардим) даҳшатли воқеа содир бўлди. Икки тоифа намойишчилар: ҳарбий-саноат комплекси тарафдорлари билан конверсия учун курашувчилар тўқнашди. Оқибатда бир қиз ўз жонига қасд қилди — Ҳамманинг кўз олдида ўзига ўт қўйиб ёниб кетди. Бу жудаям даҳшатли манзара бўлди. Шарҳловчиларнинг гапларига қараганда, ўша ёниб кетган қизнинг ҳамроҳи — бир талаба митингга кўтариб келган шиор эҳтиросларнинг аланга олишига сабаб бўлган. Ўша шиорда... Мен ҳозир гапимни давом эттираман... варақ тугади.”

“Худо ҳаққи, факсни ўчира кўрманглар, мен Қизил майдонда бўлиб ўтган воқеа ҳақида ҳикоя қилмоқчиман...
Мистер Борк, гап шундаки, ўша шиорда “Инсон қурол ишлаб чиқариш учун ёруғ дунёга келмаслиги керак!” деб ёзиб қўйилган экан. Турган гап, бундай шиорни Россияда “Мудофаачилар” деб ном олган ҳамда давлат ва жамият томонидан қўллаб-қувватланган кишилар қаҳр-ғазаб билан кутиб олдилар, чунки гап қўрғошин питрадан тортиб (“мудофаачилар” дунёдаги ҳар бир кишига юзтадан ана шундай ўқчалар ғамлаб қўйишган эди) товушдан тез учадиган самолётлар, океан қаърида кечаю кундуз навбатчилик қилиб турадиган сув ости атом кемаларигача ва биринчи буйруқ берилиши билан парвозга тайёр турган қитъалараро ракеталаргача бўлган қирғин қуролларни ишлаб чиқарадиган ҳарбий саноат тақдири ҳақида борар эди. Буни беҳудага сарфланган маблағ ва меҳнат, деб ҳисоблар эди ўша соғлом ақилли талаба. Америкамизнинг ҳарбий-саноат комплексига ҳам худди ана шундай муносабатда бўлмоқ керак. Бу ҳам одамларни қирадиган қуроллар ишлаб чиқараётир ва ўз қилмишини мудофаа манфаатлари билан оқламоқчи бўлаётир.
Лекин, иккинчи томондан ўлдирилиши керак бўлганлар ҳам фаришта эмас, улар ҳам тиш-тирноғигача қуролланган ва улар ҳам ўзларининг ўта қимматли ғоялари йўлида (энди энг таъсирчан шиорлар миллатчилик шиорларидир), адолат йўлида ва ўзларининг иқтисодий манфаатлари йўлида ўлдириш-қиришга чанқоқдирлар.
Ноилож қолганда, пичоқ этдан ўтиб суякка қадалгандан кейин одам боласи ўзини ўтга ҳам, сувга ҳам уради. Бечора талаба айюҳаннос солмай нима қилсин, эҳтимол, одамларнинг бир-бирлари билан сўзлашиш қобилиятига эга бўлган замондан буён ўйлаб келганларини, уруш билан қурол ақл устидан тантана қилган даврдан эътиборан инсон боласи дилига жо қилган сўзларни плакатга ўз қўли билан ёзмай нима қилсин?! Сахаров Россияда водород бомбасини яратгандан кейин худди ана шу нарсани тушуниб етди ва шу ерда тўхтаб, ўз тақдирига қарши борди.
Ерда қурол кўпайгандан кўпайиб бораётир, қаерда бўлмасин ҳамма қуролланишни хоҳлайди. Дунёда ҳар бир туғилаётган инсонга камида юзта портловчи ўқ ғамлаб қўйилган бўлса, пешонасига бировларни ўлдирасан ёки сени ўлдиришади деб ёзилган бўлса, ҳомиладор аёлларнинг пешонасидаги Кассандра тамғаси ана шундан огоҳ қилмаяптимикан, кассандра-эмбрионлар она қорнида туриб сассиз айюҳаннос солмаяптимикин? Шундай бўлгач ҳалиги талаба бу ҳақда жар солмай тура олармиди?! Қизил майдонда ўзига ўт қўйган қизда ҳомиладорлик пайтида нишона берган бўлса ҳам, ҳеч ким сезмаган Кассандра тамғаси энди ўзини намоён қилмадимикин? Охирзамоннинг яқинлашиб келаётганидан ташвишга тушган ҳомиланинг берган хабарига ким эътибор берибди дейсиз?!
Идеалистик нуқтаи назардан куракда турмайдиган бўлса ҳам шундай бир фикр келади мияга: агар инсоният қурол ихтиро қилмасдан ва уруш нима эканини билмасдан ривожланса нима бўларди? Ўшанда одам ҳозиргидай мавжудод бўлармиди, цивилизациямиз ҳозиргидай аҳволда яшармиди ёки ерда бутунлай бошқа бир жамият ҳукм сурармиди ва инсон сифат жиҳатдан бутунлай ўзгача бўлармиди? Наҳотки тараққиётнинг шундай йўли азалдан ёпиқ бўлса? Агар чиндан ҳам ёпиқ бўлса, бунинг туб сабаби нимада? Бунинг устига одамда ақл — илоҳий хилқат бўлса-чи, ақл — биологик ҳодиса эмас, юксакроқ ҳодиса бўлса-чи?
Мана Филофей фазога чиқиб олиб, дунё пардасини қия очиб эди, қандайдир лаънати сир юз кўрсатди, лекин одамлар уни кўришни ҳам, билишни ҳам исташмаяпти.
Мистер Борк, Филофейнинг кашфиётлари нуқул норозилик туғдирса ҳам ўша кашфиётларга ишонганим бўлсин. Замон охир бўлишидан руҳнинг қийноққа тушишининг сабабини ана шу кашфиётларда кўраётирман (одамларнинг ҳаддан ортиқ ахлоқий бузуқлиги дастидан руҳий қийноқ баттар чуқурлашаётир).
Худо бандасини нега яратди экан, деб ўйлаб қоласан киши бу бедодликларни кўриб. Қаранг, Қорабоғда арманлар билан озарбайжонлар ўртасида кўп йиллардан бери олиб борилаётган жинояткорона урушда дала командирлари ўлганларнинг жасадлари билан савдо қилишар экан. Жангда ўлдирилган кишининг ота-оналари ва қариндош-уруғлари унинг жасадини дафн қилиш учун сотиб олишар экан. Шу йўл билан катта пул ишлашар экан. Шундай ҳоллар ҳам бўлар экан-ки, ўз аскарини орқасидан ўзи отиб ташлаб шу йўл билан ақча топишар экан. Газетада бу хабарни ўқиб ғалати бўп кетдим. Ана шу каби жиноий ҳаракатлар одамларнинг жони-танларида акс этмаслиги, ирсиятни аста-секин ўзгартирмаслиги, авлодларда из қолдирмаслиги мумкинми?
Тасаввур қилиб бўлмайдиган шавқатсизликка яна бир мисол. Туркиянинг бир шаҳрида адибларнинг Салмон Рушдини қўллаб-қувватлашга бағишланган конференцияси бўлиб ўтаётган меҳмонхона ёндириб юборилди. Ўшанда конференция қатнашчиларигина эмас, балки меҳмонхонада вақтинча яшаб турган кишилар ҳам ёниб кетишди. Буларнинг ҳаммасини телерепортёрлар тасвирга туширишган: бино ловиллаб ёнаётир, тириклайин ёнаётган кишилар, баҳолиқудрат ҳаракат қилаётган ўт ўчирувчилар, шунинг ёнгинасидаги майдонда мамнунликдан ўзида йўқ хурсанд бир гала фундаменталист ёшлар. Ана шулар ёнғин чиқарганларга мадҳ айтмоқдалар, шодликдан сакрамоқдалар, рақсга тушмоқдалар, қўлларини кўтариб муштумларини силкитмоқдалар, қаҳ-қаҳ отиб кулмоқдалар, ана шу даҳшатли манзарадан гўё шаҳвоний лаззат олмоқдалар. Ёшларнинг ҳаяжонли ва қасоскор қиёфаларига ажал ёлқинининг сўлғин нури тушиб турибди. Ва телевидениега тасвирга олишаяпти. Ахир, бу бадиий фильм эмас эди-ку!
Бизлар қаердамиз, бизларга нима бўлган? Бизлар ана шуларнинг ва Германияда турк оилаларининг тириклайин ёндириб юборилиш сабабларини ўзимиздан сўрашимиз керак эмасмикин? Сиз буларни газеталардан ўқигандирсиз?..
Бундай ваҳшийликларни яна кўплаб келтириш мумкин ва уларнинг бири иккинчидан даҳшатли, бунда аниқ қонуният кўзга ташланади: турли мамлакатларда жиноий ҳаракатлар тобора мудҳишроқ тус олаётир. Филофей ана шуларнинг ҳаммаси тўпланиб генларда ўз аксини топишини исбот қилди.
Илгарилари ақлни Коинотнинг олий неъмати деб ишонар эдим, аслида ақл Ёвузликнинг абадий қулига айланган экан. Ақл қачонлардир қулликдан қутулармикин? Кассандра тамғаси худди ана шу ҳақида жар солмаётирмикин, бизларни шунга даъват қилмаётирмикин?
Кечирасиз, мистер Борк, факс хатчўпини шошилинч алмаштириш керак...”

“Мистер Борк, жаҳлингиз чиқмасин, менинг мулоҳазаларим узундан узоқ ва Сиз учун у қадар қизиқ эмас деб қўрқаман. Лекин шу бугун кечаси дилимнинг тамбаси очилди. Мен Сизнинг бошингиздан нималар кечаётганини тушунаман. Сиз учун хавотир олаётирман ва жасоратингизга ишонаман.
Мавжуд вазият ҳақида бош қотирар эканман, шундай фикрга келдим: Филофей орбитада бўлса ҳам Ерда рўй бераётган воқеалардан четда қола олмайди. Агар Сиз қарши бўлмасангиз шошилинч суратда у билан алоқа боғлаш усулини топиш лозим; техникавий жиҳатдан бу фавқулодда мураккаб, лекин мен телекомпаниялардаги дўстларим орқали бу ишни амалга оширишга уриниб кўрган бўлур эдим. Бунга Сиз нима дейсиз? Бордию рози бўлмасангиз мени огоҳ қилинг ва бундай уринишнинг амалга ошиши қанчалик мумкин эканлигини Сизга хабар қиламан.
Ниҳоят, менинг нуқтаи назаримда энг муҳими мана шу. Филофей билан алоқа боғлашнинг нима кераги бор, уни экранда кўриб табриклаш учунгина эмас-ку? Менимча, у жавоб қайтариши керак, шубҳам йўқ, унинг жавоби тайёр — у Кассандра тамғасини қандай қилиб аниқлади, бу ҳолнинг эмбрионнинг келажак ҳаётга салбий муносабатидан бошқа нарса эмаслигига қанай далиллар борлигини айтиб бериши лозим. Унинг Рим папасига йўллаган мактубидан буни аниқ тушуниш қийин. Ана шу маънода чала жиҳатларни Сиз ҳам пайқагандирсиз. Ўйлайманки, бошқалар ҳам, хусусан, биолог олимлар унга шундай савол беришлари мумкин. Филофейнинг ноаниқ қолган нарсаларни тушунтириб бериши, саволларга жавоб қайтариши муҳимдир.
Менга Филофей билан алоқа боғлашни уюштиришга имкон беринг. Мен Сизга ўргатмоқчи эмасман, зудлик билан зарурий фалсафий далиллар тайёрланг.
Оливер Ордок оломоннинг онгига қилган таъсирининг оқибатлари билан тўқнашишимизга тўғри келади. На илож, буни тақдир дейдилар. Ва биз ғалаба қилишимиз керак. Ўша оломон ҳурмати!
Сизга ҳурмат билан Энтони Юнгер.
Р. S. Бордию менинг координаталарим — уй факсининг, телефонимнинг номерлари — адресим зарур бўлиб қолса, шу варақлардан топасиз. Хизмат координаталарим энди Сизга керак бўлмайди — мен у ерга бошқа бормайман...”

Т ў қ қ и з и н ч и б о б

Эрталаб соат тўрт яримлар. Роберт Борк ёзув столида ётган факсларга қараб жим ўтирарди. Жесси ҳам шу ерда. У ҳам факсларни ўқиб чиқди.
— Тавба, нима бўляпти, нима бўляпти ўзи! — деб бир неча бор такрорлади Жесси.
– Сен ётиб тин олсанг бўлар эди, — маслаҳат берди эри.
– Агар ўзинг ёлғиз қолишни хоҳлаётган бўлсанг, ҳозир кетаман. Барибир ухлай олмасам керак. Мен ўзимни ғалати сезяпман. Буларнинг жуда жиддий эканлигини тушунар эдим, лекин ҳаммасининг шу даражада мураккаблашиб кетишини тасаввур ҳам қилмовдим. Нима дейишимни ҳам билмайман.
– Ҳа, Жесси. Энтони Юнгер ҳақ. Мутлақо ҳақ, — хаёл суриб жавоб берди Борк. — Уни бизга Худонинг ўзи етказди. Унинг тутган йўли — янги авлоднинг йўли. Дунёни идрок этиши бутунлай ўзгача. Саъй-ҳаракатлари ҳам. Дарров сезилади-да. Менинг эса мақоладан бошқа бирон иш қилишим даргумон эди (мақола жуда катта бўлиб кетибди, газетанинг бир бетини олади-ёв!) Биз иккаламиз бўлса уйда қамалиб олдик. Бўлаётган воқеалардан бутунлай ажралиб бўлмайди. Бунинг устига Ордокнинг ғаламисликлари...
– Яхшиси — занжирдан бўшатиб юборилган нарса дегин!
– Ҳа, занжирдан қўйиб юборилган куч. Бу ниҳоятда даҳшатли куч. Ордок била туриб оммани Филофейга ва менга гижгижламоқда.
– Якка ўзинг сенга қарши кайфиятда бўлган шунча одамнинг фикрини ўзгартириб ўзингга қарата олишингга ишонасанми?
– Энди орқага қайтиш йўқ, фикримни исботлашга уринаман. Лекин воқеа қандай кечади — бир нарса дейиш қийин. Кассандра-эмбрион феноменининг кашф қилиниши мавжуд тасаввурларга, турмуш тарзига, қолипга тушиб қолган тафаккур тахлитига қақшатқич зарба беражак. Кассандра-эмбрионларнинг охирзамондан хабар беришига бошдан оёқ ҳамма нарсага, биринчи галда сиёсий, ижтимоий тузумларга, ахлоқий негизларга шубҳа кўзи билан қараш демакдир. Ўз-ўзидан маълумки, таркиб топган барча андозаларнинг вайрон қилиниши ҳомиладор аёлдан тортиб Ордок сингари нусхаларгача ҳеч кимга ёқмайди. Ана шунинг учун ҳам қаршилик кўрсатишмоқда, ҳатто тажовуз қилишгача етиб боришмоқда.
– Ахир улар Филофейнинг ўзини тажовузкор деб билишади-ку!
– Ҳа, улар уни тажовузкор деб биладилар. Мен учун у пайғамбардай гап, бошқалар учун — шайтон. Одамзот икки йўлдан биттасини танлаб олиши лозим: ёки биз, ҳаммамиз алданиб, одатдагидай яшайверамиз, ёки кассандра-эмбрионлар сонининг кўпайиб бориш сабабларини тушуниб олиб, охирзамон ҳалокатидан кишиларни огоҳ қиламиз. Инсоният учун бошқача йўл йўқ.
– Филофейнинг ўзи кашфиётини одам учун осмонда икки қуёш чиққани каби кутилмаган воқеадир, деб айтган эди. Ана шу иккинчи қуёш инсониятнинг асрлар бўйи таркиб топган турмуш тарзини чилпарчин қилиши мумкин! Бунинг устига рақибларимиз Филофейни унинг экспериментлари инсон ҳуқуқларини поймол қилади деб ҳам айбламоқдалар. Бундан ҳам каттароқ туҳмат бўлиши мумкинми? Бунга сен нима дейсан?
– Йўқ, бу инсон ҳуқуқларини поймол қилиш эмас! Менинг назаримда бундай эмас. Мен ана шу ҳақда ёзяпман, ўқиб кўришинг мумкин. Кассандра тамғасининг сирларини билиб олиш — бизнинг бурчимиз, жамиятнинг бурчи, ҳар бир шахснинг, биринчи галда ҳомиладор аёлнинг бурчидир, бундай аёл ўз қорнидаги пушти охирзамондан дарак беряптими — йўқми эканлигини билишдан манфаатдор бўлмоғи, ҳатто буни текшириб кўрмоғи лозим. Кассандра-эмбрионлар ҳақидаги статистик маълумотлар вақт келиб энг муҳим социологик кўрсаткичлардан бири бўлиб қолажак — жамиятнинг ҳолати ва тараққиёт даражасини ана шундай маълумотларга қараб билиб оладиган бўладилар.
– Мен сенинг фикрингга қўшилдим ҳам деяйлик, Роберт. Бошқалар буларнинг ҳаммасини қабул қилишмаса-чи? Сен ҳеч кимни ишонтира олмасанг-чи?
– Кўп нарса шароитга, умумий вазиятга боғлиқ. Энтони Юнгер тўла ҳақ, ҳа, бу ишга Филофейнинг ўзини жалб қилиш керак. Унинг энг муҳим дастаги илмий кузатишларидан олган маълумотларидир, у кассандра-эмбрионлардан чиқадиган сигналларнинг замон охир бўлишидан дарак беришини ана шу маълумотлар асосида аниқлади. У ана шу маълумотларни халққа етказиши керак. Бу маълумотлардаги биологик омиллардан тортиб фалсафий хулосаларгача барча материалларни, айтайлик, матбуот конференцияси ўтказиб яна бир марта халқ олдида баён этиши лозим. Эфирда Филофейнинг бевосита ўзи бўлиши шарт! Юнгер ўз ғоясини амалга ошира олса, зўр бўларди. Мен уни тўлалигича қувватлайман. Ҳозир унга мен факс орқали ўз фикрларимни жўнатаман, уёғини кўрамиз, ўлмаган бандаси кўраверади.
Улар иккаласи ҳам жим бўлиб қолишди, ҳар иккаласининг устида халат, бир кечада уларни таниб бўлмай қолди. Кўзлари киртайган, сочлари ҳурпайган. Эр-хотин кундалик турмуш ташвишлари устига қандай даҳшатли фалокат яқинлашиб келаётганини сезишгандай умрларида биринчи бор кечани сўнгсиз хавотирликда ўтказишди. Қаранг: кишиларнинг дарду аламлари ва азоб-уқубатлари ҳисобига Коинот кенгая борар эмиш.
Ташқари ёришиб тонг отди.
ҳаво кечагига ўхшаб очиқ, куз бўлганидан кундузи қисқа, лекин ёруғ келадган кўринади. Узоқ-узоқлардан қушларнинг чуғурлаган овози эштилади — келгинди қушлар иссиқ ўлкаларга қайтиб кетиш учун яна саҳардан тўпланишган. Роберт Борк қушларнинг аввал тоғ ўрмонларига етар-етмас, гольф майдонлари устида ер бағирлаб айланиб учишини, сўнгра узоқ сафарга йўл олишини, океан соҳили бўйлаб пастда океаннинг оқариб кўринган қирғоқ тўлқинлари устидан ўтишини кўз олдига келтирди, унинг қушларга қўшилиб учиб кетгиси келди, лекин унинг олдида ҳаётда қўққисдан юз кўрсатган мушкулотни ҳал қилиш зарурати кўндаланг турар эди.
Дунё иши уларни хотиржам қўймаслиги, унутмагани ва унутмоқчи ҳам эмаслиги эрталабданоқ маълум бўлиб қолди. Ҳаммасига Чикагодаги қизидан келган факс сабаб бўлди. Эрика нима эканига тушунмай ташвишланиб ёзган эди: “Тун бўйи телефон қилолмадим. Телефонларингиз узиб қўйилган, факс банд. Дада, нима гап? Нима қилиб қўйдингиз? Бутун Чикаго оёққа қалқиган. Ҳамма Сизга қарши. Биз Жон иккаламиз жинни бўлиб қолай деяпмиз. Ўтинаман: ҳамма ишингизни четга суриб қўйинг. Ойи, сиз қаёққа қараяпсиз?!”
Жессининг диққати ошди:
– Нима қиламиз, Роберт? Сен — отасан. Қизимиз изтиробда, унинг оғироёқ эканини биласан. Куёвимиз ҳам хурсанд бўлмаса керак. Мен Жоннинг аҳволига тушунаман: У директорлар кенгашининг аъзоси, унинг юриш-туриши бошқаларга намуна бўлиши керак. Биз бу ҳақда ўйламасликка ҳаққимиз йўқ.
– Тўғри, ҳаммаси тўғри, — Жессининг сўзини маъқуллади Борк. — Лекин шу топда нима дейишимиз мумкин? Бу иш оила билангина чегараланмайди. Кошки эди шундай бўлса!... Ўзингни тут, Жесси. Мен Эрикага хат ёзаман, қўнғироқ қиламан, тушунтиришга, таскин беришга уринаман. Лекин ёшлар ҳам ўз каллалари билан ўйлашлари керак. Улар учун, айниқса, Жон учун энг кераклиси компания ишининг ўнгидан келишидир. Автокомпаниядан ташқарида ҳам ҳаёт бор-ку ва бу ҳаёт муаммолари ҳамма учун ва ҳар бир киши учун кам аҳамиятга эга эмас. Тўғри, улар бир-бирини севишади, бахтли оила. Ўзинг тушунасан-ку, ижтимоий худбинлик ҳам эви билан-да!
– Ҳой, Роберт, сени лекция ўқишга қўйиб берса. Хўп, қўлинг бўшаса Эрикага факс жўнатишни унутма, — Жесси шундай деб елкасига жун кофтасини ташлади-да, йўлга тушди. У Юнгернинг маслаҳатига биноан барвақтроқ туриб эълон осиб қўйишга қарор қилган эди — эълонда келувчиларга мурожаат қилиб безовта қилмасликлари сўралган эди. Жесси бароқ мушугини кўтариб олиб йўлга чиқди, мушукни уйда ит-мушук дейишар эди, бу уй ҳайвони мушук бўлса ҳам худди итга ўхшаб кетар эди. Ҳар ҳолда уй эгалари шундай деб ҳисоблашар эди.
Жесси уйдан чиқар экан, йўл-йўлакай сочини тарар ва шерик бўлиб ёнида кетаётган мушукка нималардир деб борар эди; хотини кетиши билан Роберт Борк кечаси ёзиб тугатган мақолани “Трибюн” газетасига жўнатиш учун факсга ўтирди — бунда у таҳририя ходимларининг келишларига мақоланинг стол устида бўлишига ва ўша заҳоти босмага туширилишига умид боғлаган эди. Мақоласининг тезлик билан чоп этилишига у шубҳа қилмас эди. Борк мақола матни муаллиф тақдим этган шаклда ҳеч қандай ўзгаришсиз босилиши керак деб қўшиб қўйган эди. Мақоланинг босилишига шунинг учун ҳам ишончи комил эдики, “Трибюн” редакциясининг бошқа йўли йўқ эди. Газета Филофейнинг космосдан юборган мактубини босишга журъат этгандан кейин ўз мавқеидан воз кеча олмас эди — бошқасини қўяверинг, энг муҳими газета ўз обрўсини, қиёфасини сақлаб қолиши керак эди. Бу шундай бир мислсиз ҳодиса эдики, газетанинг “ё ҳаёт, ё мамот” деб иш кўришдан бошқа иложи қолмаган эди...
Бундан кейин қандай ҳодисалар рўй бериши аён бўлиб қолди. Газета теварагида, Филофей теварагида, энди бўлса унинг, яъни Боркнинг номи атрофида бўладиган жанг тонг саҳарданоқ шафқатсиз ва аёвсиз бўлажаги билиниб қолди. Ростини айтганда ҳаёт-мамот учун кураш кутилмоқда эди...
Телефакс берилган матнни саҳифама-саҳифа ямлаб ютмоқда эди. Яхшиямки, варақларни ўтказиб улгурди. Орадан бир дақиқа ўтар-ўтмас Роберт Борк кўчада алламбало ҳодиса рўй бераётганини пайқади: ўзларининг мушуги ҳовлида ўлгудай ўзи ёмон кўрадиган кўппак билан бетлашиб қолган шекилли жунини ҳурпайтирганча югуриб кириб келди. Ҳаш-паш дегунча Борк ойнадан қўлида бир тўп қоғоз билан картон ушлаганча Жессининг уйга асабий ҳолда чопиб келаётганини кўриб қолди. Унинг рангида ранг қолмаган, ҳаллослар, гўё кўчада бировлар тутиб олиб бўғишгану у қўлдан чиқиб қочгандай.
– Нима гап, сенга нима бўлди? — хотинига қараб беихтиёр қичқириб юборди Борк.
– Роберт, бу даҳшат, бу ваҳима! Кўриб кўзимга ишонмайман — қандайдир ярамаслар ҳу анави ерда, муюлишда машиналарининг олдида ғўдайиб туришибди... қарагин, бир нималарни ёпиштириб ташлашган.
Жесси газеталар билан бирга девордан кўчириб олган қоғозларни столга ташлади; бу қоғозларга ҳақоратомуз, беандиша сўзлар ҳар хил буёқлар билан ёзиб ташланган. Борк буларни кўриб серрайганича қотиб қолди. “Борк кўчамизда туради — бу биз учун иснод!” — бу сўзларни қўшнилардан бири ёзган бўлса керак. Яна: “Хотинбезор, нафс бандаси Борк, бизнинг Ньюберидан йўқолсин!”, “Ньюбери феминист аёллари Боркдан ҳазар қилади!” Бошқалари бундан ҳам ошиб тушади: “Борк — разил”, “Борк — КГБ агенти”, “Борк манглайидан отилсин!”, “Кўчада кўринма, нақ бўғиб ўлдираман! — Кассандравий фамилияли эмбрион”.
– Эрта саҳардан бошлашибди-да! — пўнғиллади саросимага тушган Борк.
– Саҳардан! ҳа, шундай! Буёғи қандай бўлади, Роберт?! Нималар бўлади? Одамнинг ақли бовар қилмайди!
Роберт Борк асабийлашиб хонада у ёқдан бу ёққа юра бошлади.
– Биз ҳамма нарсага тайёр бўлишимиз керак, — қичқириб юборишдан ўзини тийиб деди Борк хотинига. Қон қайнаганда ўзини ушлаш жуда қийин бўлади. — Бошланиши шундай бўлса, буёғига ундан баттарини кутиш мумкин. Агар кечаги митинг бўлмаганда, булар бари силлиқ ўтиши мумкин эди. Ордок энди ҳодисаларнинг жиловини қўйиб юборди, жин ургур.
– Ўзинг кўрганингда борми! — деди Жесси кўча томонга бошини ирғар экан. — Муюлишда турганларнинг башараларини кўриб қўрқиб кетасан киши. Қандайдир совуқ нусхалар. Машиналарининг ёнида чеккан киши бўлиб ғўдайиб туришибди. Ҳалиги ёзувларни девордан қўпориб олаётсам менга қараб ҳуштак чалишди, хахолаб кулишди.
– Кўринишлари қандай? Шу ерликларга ўхшайдими?
– Қайдам. Одатдагидай жинси, куртка кийиб олишган. Менимча уларнинг орасида аёллар ҳам бор.
– Ҳа, тушунарли, — ғулдиради Борк ҳеч нарсани тушунмаса ҳам.
– Полицияга мурожаат қилиш керак, Роберт. Полицияга телефон қил. Чорасини кўришсин.
– Шошмай тур, телефон қилиш қочмайди. Озгина сабр қилайлик. Бирон нима чиқаришадиган бўлса, албатта қўнғироқ қиламиз.
– Ҳа, бу учига чиққан разиллик, ақлга сиғмайди. Сен бўлсанг, сабр қилайлик дейсан, — Жесси столга суяниб ҳўнграб юборди.
– Жесси, жоним, қўй, нега йиғлайсан ўзингни тутсанг-чи! — нима қиларини билмай ғулдиради Борк, хотинини юпатиб. Жесси эса гапира олмай пиқ-пиқ йиғларкан:
– Сен билганингда, ўз кўзинг билан кўрганингда эди!
– ҳозир сенга тинчлантирадиган дори бераман. Мен ҳозир, Жесси, бас қил. Мен ҳозир!
Борк хотинига томчи дори олиб келиб бериш учун ётоқхонага томон шошиларкан, туртиниб эшикка урилиб кетди, шу он бурчакда ғижимланиб ташланган бир қоғозга кўзи тушди, уни Жесси ташлаб юборганини билди. Ўзи ақлдан озай деб қолган бўлса ҳам эрим ўқиб қўймасин деб ташлаб юборган қоғоз нима экан? Борк олиб ўқиб ғалати бўп кетди. “Борк, орқангни Филофейга тут, космосда унинг хотини йўқлигини биласан-ку!” Шунга мос сурат ҳам чизилган. Тагида “Салом, кассандра-эмбрион”деб ёзиб қўйилган.
У қандай қилиб ички ҳовлига, ўзининг тошлар боғига келиб қолганини сезмади. У ҳаётда дўқ-пўписа билан қўрқитиб иш кўрадиганларнинг фикрларига учмасликка ҳаракат қилса ҳам, кўр-кўрона ва калтабинлиги билан бир қилғиликни қилиб қўйган ғофил кишиларни кечириш керак деган ақидага амал қилса ҳам, ўзини ана шундай тубанликлардан юқори туришига ишонтириб келган бўлса ҳам барибир шу топда кўнгли хира тортиб кетди. Мана бўлари бўлди; миясида ногаҳоний юксак фикр-ғоялар ғужғон ўйнайдиган, абадийликнинг сўз билан ифодалаб бўлмайдиган ботиний қиёфалари кўз ўнгида намоён бўладиган хотинининг пичинг аралаш кулгиларига қарамасдан қум устида сирли белгилар ила қандайдир тасвирлар чизиб кўрсатиб турадиган жойда энди ҳайвон қатори таҳқирланган ва ҳақоратланган бир қиёфада ўтирибди. Бу унинг аслзодалиги ва кексайгандаги олийжаноблиги эвазига тақдирнинг кинояси ва таҳқири эмасмикин? У тажрибасиз экан, дунёнинг нақадар золим ва қасоскор эканини яхши билмас экан. Ёши бир ерга борганда ҳаёсизликнинг мевасини тотди.
Уфқдан бош кўтарган қуёш ҳам аҳамиятсиз ва кераксиздай туюлди унга, шу топда ҳеч нарса кўргиси ҳам, эшитгиси ҳам келмасди унинг.
У уйдан чиққанда қўлида ушлаб келган газетани бехосдан очиб қаради. Бу Ньюбери шаҳри газетасининг шошилинч сони эди. Газетани кўрди-ю, ўзининг қуршовда қолган бўри аҳволига тушишини пайқади. Газетанинг биринчи бетида Оливер Ордок сайлов олди митинги тугагандан сўнг ўтказган матбуот конференцияси ҳақидаги ҳисобот катта сарлавҳа остида босилган эди. Материал Ассошиэйтед Пресс агентлигидан олинган эди. Ордокнинг бир неча расми катта қилиб босилган. Унинг минбарда дарғазаб бўлиб гапираётгани расмдаги имо-ишоралардан кўриниб турибди. Ордокнинг “Большевикларнинг генофондни тозалаш йўлидаги уринишларига йўл қўймаймиз!” деган сўзлари йирик ҳарфларда саҳифанинг у четидан бу четига етадиган қилиб терилган.
Қаранг, нишонни узоқ олганига! Филофей рус экан — демак, у большевик. Бемаънилик, лекин фойдали бемаънилик! Варақлардан бирида Боркнинг КГБ агенти деб атаганларининг сабаби энди тушунарли бўлиб қолди. Бунинг ҳаммаси бир ифлос манбадан чиққан. У бу ҳақида гапиришни ҳам, ўйлашни ҳам хоҳламас эди. Дил қийноғи — жон азоби.
У ёнгинасида хотинининг овозини эшитиб ўгирилди. Йиғлайвериб кўзлари шишиб кетган Жесси ўзини тутиб олишга уринди.
– Ҳозиргина Энтонидан шошилинч факс келди, — деди у эрининг ёнига ўтирар экан.
“Мистер Борк, — деб ёзган эди Энтони Юнгер. — Биз тезлик билан телефон орқали гаплашишимиз керак. Илтимос, телефонларни ишлатиб қўйинглар, жавоб қайтаринглар. Космик телеалоқани назарда тутяпман. Агар телеалоқа ўрната олсак одамларнинг кўзини очардик. Биз сизнинг уйингизда техника ўрнатиш масаласини муҳокама қилишимиз керак. Мистер Борк, гир атрофдан Сизга ҳужум қилишмоқда, лекин умидсиз бўлманг. Мен 10 дақиқадан сўнг қўнғироқ қиламан. Сизга ҳурмат билан Энтони Юнгер”.
– Мана бу энди бошқа гап. Энтони ишга киришибди, — жонланди Борк. — Энди телефонларни муттасил ишлатиб қўйиш керак, Жесси. Қўнғироқ қилаверишсин, биз телефон қўнғироқларидан ҳеч қаёққа қочиб қутулмаймиз. Дунёда бўлаётган ҳодисалардан ажралиб ўтира олмаймиз-ку, ахир!
– Сен ҳақсан. Яна бир мактуб келди, — деди Жесси. У дорилфунун ректоридан келган факс эди. “Мистер Борк, Сизнинг манфаатингизни кўзлаб гапираётирман, ўтиниб сўрайман лекция ўқиш учун ҳозирча дорилфунунга кела кўрманг”, дейиларди факсда.
– Ҳаммаси тушунарли — деди Борк. — Телефоннинг олдига борайлик. Энтони Юнгернинг қўнғироғи шу мудҳиш тонгда ёруғ бир нур каби таралди.
– Мистер Борк, Сизни эшитганимдан хурсандман. Факс яхши лекин тирик одамнинг овозини эшитиш ундан ҳам яхши.
– Бўлмасам-чи! Албатта-да! — деб жавоб қайтарди Борк ўзига ишонч билан. — Менинг рафиқам Жесси ҳам сени қутлаётир, Энтони.
– Жуда соз. Жессига раҳмат. Ҳаммамиз бугун кўришамиз деб ўйлайман, бу жудаям зарур.
– Ихтиёринг, Энтони, учрашув жойини тайинла. Сенинг тунги факсларинг бизни фил суягидан ясалган минора қамоғидан халос қилди. Жилла қурса ўз устимдан ўзим кулиб олай. Хўш, бу ёғи қандай бўлади? Бирон нимадан умид бор шекилли, а?
– Қилинадиган ишларнинг бутун бир рўйхати бор. Энг аввало маълумотингиз учун айтиб қўйишим керак, мистер Борк, таҳририяга келган мақолангиз, эҳтимол, ҳозирдаёқ космосга — Филофейга жўнатилаётган бўлса керак, буни мен бир неча дақиқадан сўнг билиб оламан. Бу тадбир Филофейга унинг ердаги биринчи ҳамфикри — космогенетика бўйича шериги яъни Сиз билан таништириш учунгина қилинаётгани йўқ. Демак, Филофей шу тобда Сизнинг матнингиз билан танишаётган бўлса ажаб эмас. Биз телеалоқа ўрнатмоқчимиз ва матбуот конференцияси ўтказмоқчимиз, бу конференцияга Филофей билан Сиз иштирок этасизлар.
– Энтони, азизим бу қизиқарли фикр. Лекин бунинг ҳаммасини қандай амалга ошириш кераклигини тасаввур қилолмаётирман. Бунинг устига вақт зиқ.
– Ҳавотир олманг, мистер Борк! Мен ёлғиз эмасман. Содиқ дўстларим, ҳомийларим бор, “Трибюн” бутунлай биз томонда ва редакция ўз обрўсини сақлаб қолиш учун куйиб-пишмоқда. Энг муҳими — телеалоқанинг барча ретрансляторлари бутун дунёни оғзига қаратган ана шу тадбирдан манфаатдордир, бундан ташқари улар муз устида бўладиган жангларни бутун дунёга кўрсатишдан оладиган мўмай фойдаларини ҳозирданоқ ҳисоб-китоб қилишмоқда. Шунинг учун ҳам жонларини жабборга бериб ишлашмоқда.
– Аниқроғи? Ким музда учар экан?
– Кечирасиз. Аҳмоқона ўхшатиш бўлди шекилли. Ҳа, биз сирғанчиқ муз устидамиз. Лекин ҳозир бу ҳақда гапирмайлик. Мен гапимни тўхтатдим. Вақт оз. Сўзимни машинада давом эттираман. Биз Ньюберига, уйингизга бораётирмиз. Тўрт кишимиз. Мендан бошқа уч йигит бор, улар НАСАнинг космик алоқани ўрнатадиган энг зўр созловчи мутахассислари. Шундай қилиб тўрт киши икки машинадамиз. Қолган гапларни йўлда изоҳлаб берамиз. Биз қирқ дақиқалардан кейин, эҳтимол ундан ҳам олдинроқ уйингизда бўлсак керак деб мўлжаллаб турибмиз. Харитадан аниқлашимча, уйингиз “Конферанс” супермаркетидан чамаси ярим миль нарида бўлса керак, шундайми?
– Ҳа, тўғри, уч квартал нарида.
– О’кей! Шундай қилиб, биз йўлга чиқяпмиз. Демак, фақат кулманг, мен — операция штабининг бошлиғиман, Филофей — космос маршали, сиз эса...
– Мен Жесси ҳузуридаги кенжа полковникман, — Ҳозиржавоблик қилди Борк. — Шошмай тур, Энтони. Тушунаман, вақт зиқ, сен ёшсан, кейин, кейин билиб қўй, менинг уйим билан космик алоқа ўрнатиш харажатларини ўз бўйнимга оламан.
– Кечикдингиз, мистер Борк. Манфаатдор телекомпаниялар ҳаммасини ўзлари маблағ билан таъминлайди. Уларнинг ҳам ўз фикрлари бор. Бу ёғидан ташвиш тортманг. Ундоқ десангиз менинг ҳам қўлимдан баъзи ишлар келади. Отам машҳур адвокат ўтган, шунинг учун... Ишнинг у ёғини ўйламанг. Кассандра-эмбрионлару, Филофей ҳақида ўйлайверинг.
– Ордок ҳақида ҳам, — қўшиб қўйди Борк.
– Бу-ку биринчи галда-я. У ҳам жанговар ҳаракатлар қилиб юрибди. Бу ҳақда — машинадан эшитасиз. Ҳа, мистер Борк, узр, сизнинг ҳам, хотинингизнинг ҳам уйдан ташқарига чиқишингизни маслаҳат кўрмайман. Ҳатто супермаркетга боришни ҳам. Чиқманглар. Бугунча. Биз ҳамма нарсани ўзимиз олиб борамиз. Йўлга чиқаётирмиз.
Орадан сал ўтмасдан яна телефон жиринглади. Яна Энтони эди. Орадан ўтган қисқа вақт эру хотинга йилдай туюлиб кетди. Улар энди ҳаётларининг бошқача суръат билан ривожланишини — вақт дақиқалар билан ўлчанажагини, тақдирларида ҳал қилувчи пайт яқинлашиб келаётганини тушиниб етишди. Бу сирли, ноаниқ қисмат эмас, балки Боркларга яқинлашиб келган душман кучларнинг хоҳиш-истакларию саъй-ҳаракатлари оқибати эди.
– Биз катта йўлга кетаётирмиз, — хабар берди Энтони Юнгер. — Кўчада қатнов кўнгилдагидек тиқилинчмас, ўз вақтида етиб борсак керак, ҳозирча ишдан гаплашайлик.
– Эшитяпман, Энтони, нималар бўлаётганини билгим келаётир. Биз Жесси иккаламиз бошқалардан маълум маънода ажралиб қолганмиз, биласан-ку, ҳатто телевизор билан радиони ҳам ўчириб қўйганмиз.
– Мистер Борк, аҳвол жуда жиддий. Сиз билиб қўйишингиз керак — Ҳамма ерда, барча мамлакатларда манзара бирдай — Ҳамма инкор қиляпти.
– Ҳа-ҳа, шундай, минғиллади Борк. — Энтони, менинг тушунишимча, одамлар кассандра-эмбрионларнинг бор нарса эканлигини идрок эта олмаётирлар. Ҳа, албатта, бу оғир руҳий зарба, барча ҳаётий негизларни қайта кўриш зарурияти туғилади. Яхшиси инкор этиш, ҳар қандай шубҳа илонининг бошини янчиш керак...
– Худди шундай, — жавоб қайтарди Энтони. — Мен буни бир нарсага ўхшатгим келади: Сан-Францискодаги қўлтиқ устига тушган кўприкнинг қурилишида нуқсонлар борлиги аниқлангану, лекин шунга қарамай ундан фойдаланса бўлаверади дегандай гап. Бу ҳақда ўйлаб ўтиришнинг нима ҳожати бор? Кўприкдан иложи борича кўпроқ ва тезроқ юкларни олиб ўтиб қолиш керак, кўприкнинг нима бўлиши ҳақида бошқалар кейин ўйлайверишсин. Лекин, мистер Борк йўлда ҳали озгина вақтимиз бор — операторлардан бири рулда, мен Сиз билан бемалол гаплашишим мумкин, сизнинг диққатингизни ўша қизиқарли нарсаларга қаратмоқчи эдим, хулосаларни эса сиз чиқарасиз. Мен газеталарни ўқиб, радио, телевидениени эшитиб, Филофей кашфиётига нисбатан икки хил салбий-жангари йўналишни туйдим. Ўта миллатчилик руҳида фикр юритувчиларга жуда қаттиқ теккан. Масалан, Исроилда бу кашфиёт шу йўл билан исроилликлар генофондини қийратишга уриниш деб баҳоланди. Зондаж-нурлардан сақланиш усулини топиш, Филофей нурланишини нейтраллаштирадиган асбоб ихтиро қилиш чақириғи эълон қилинган. Россияда норозилик ҳаракати кучайиб намойишга айланиб кетди ва Филофейни зудлик билан космосдан туширишни талаб қилишмоқда, у ҳеч қандай роҳиб эмас, энг муҳими — бизга бир қайта қуришнинг ўзи етади. Гайдар реформалари бас қилинсин, рус халқини генетик жиҳатдан қайта қуришга йўл қўймаймиз. Филофей космосдаги Горбачев! У Америкага хизмат қилади! У Россияни тиз чўктирмоқчи! — каби эҳтиросли шиорлар ташланмоқда.
– Албатта, бу ўта ачинарли ҳол, эшитиш жуда оғир, менинг ичим ачиб кетди. Энди нима қилиш керак? — хавотирга туша бошлади Роберт Борк.
– Бу ёғини эшитинг. Хитойда хавф тамомила бошқа соҳада деб билмоқдалар — бу хитойликларнинг демографик жиҳатдан устунлиги аҳамиятига путур етказадиган усул эмиш. Бу мамлакат шиори: демократик культивацияга йўл қўймаймиз! ҳиндистонда бўлса Кассандра тамғаси устидан диний маросимдагидай бўёқ суркаб қўйиш чақириғи эълон қилинган.
– Вой-вуй, — деди ҳайратда қолиб Борк, — нима бўляпти ўзи Энтони!
– Лекин мени кўпроқ бошқа нарса лол қолдирмоқда, мистер Борк, сиз бунга нима дейсиз? Гамбургда фоҳишалар ва уларнинг ҳисобига яшайдиган даюслар жазавага тушиб норозилик билдиришган. Сицилияда мафиячилар Палермо шаҳрининг денгиз соҳилида, айтиш мумкинки, умумхалқ юриши уюштиришган. Лотин Америкасида, айниқса наркотик моддалар берадиган экинларни яширин етиштирадиган районларда ўз-ўзидан кўплаб кишиларни норозилик шиорлари билан чиқишлари бўлиб ўтган. Ҳатто порнография саноати ҳам четда қолмасдан норозилик билдирмоқда. Ҳа, террорчи ташкилотлару, хилма-хил инқилобчилар — улар ҳам тиш-тирноғи билан қарши. Филофей қўл етадиган жойда бўлса эди, улар уни... Айтганча, турли мамлакатларда ҳарбий доиралар ҳам ўта норози. Киножангариларининг продюссерлари нима сабабдан овозини кўтаришди — буниси жудаям тушунарли эмас.
– Биласанми, Энтони, — жавоб берди Роберт Борк, — мен бу ерда турли касб эгаларининг бирлашмаларга уюшиши ўзини кўрсатган бўлса керак деб ўйлайман. Ҳар бир тўда яшашни ва урчишни хоҳлайди. Мен шундай деган бўлур эдим. Кассандра тамғаси эса уларнинг йўлида катта ғов, келажакда улар кераксиз бўлиб қолиши мумкин — жамиятда ана шу гуруҳларнинг кўпларига эҳтиёж қолмайди. Ана шунинг учун ўз жонини сақлашга интилиш инстинкти ишга тушади, чунки тўда ноқулай вазиятни сезиб қолаётир. Мен уларни тушунаман. Алло, алло, Энтони, ёмон эшитила бошлади.
– Мен сизни жуда яхши эшитяпман гапираверинг, бу жуда қизиқарли фикр.
– Ана шундай гаплар. Ҳа, энди яхши эшитаяпман. Демак, гапимни давом эттираман. Агар Филофей кашфиётлари таъсирида инсоният менталитети ўзгарадиган бўлса, агар одам зоти ўзига бошқа нуқтаи назар билан қараб, эмбрионларнинг сигналларига доимий қулоқ солиб турса индивиднинг ўзини ўзи салбий соҳаларда намоён қилишга бўлган мойиллиги кескин даражада камаяди. Ана ўшанда кимнингдир даюслик билан шуғулланиши амру маҳол бўлиб қолади — жамиятда эҳтиёж бўлмагач фоҳишалар, жумладан Гамбург фоҳишалари сони камаяди. Мафия соҳасида ҳам шундай дейиш мумкин, бандитизим, жиноятчилик — Ҳаммаси бир-бирлари билан боғлиқ. Кассандра тамғасини иснод эмас, балки огоҳлантириш деб қарайдиган, энг муҳими — одамларнинг ўзини ўзи доимий такомиллаштириш омили деб биладиган авлодларнинг огоҳлантирувчи тадбирлари оқибатда индивиднинг ўзини ўзи салбий соҳаларда намоён қилишга бўлган генетик мойиллиги йўқоладиган бўлса, ҳозирги тангликка чидаса бўлади. Беихтиёр савол туғилади...
– Мистер Борк, космик телеалоқа пайтида шу фикрларингизни яна такрорлаган бўлурмидингиз?
– Нега такрорламас эканман? Масала бунда эмас: менинг гапимни эшитишармикан, уқиб олишармикин? Сен тилга олган норози кимсалар мағлубиятдан қўрқадилар, иссиқ ўриндан ажралиб қолишдан чўчийдилар. Ахир келажакда тафаккурда туб ўзгаришлар рўй бермоғи керак, ўшанда турмушдаги барча ахлоқсизликлар, жамики палидлик инкор этиладики, кассандра-эмбрионларнинг инстинктив қўрқадигани ҳам ана шу фалокатлардир. Бунда ўзини ўзи англашнинг ўзгариши эзгу ахлоқий хоҳиш-истаклар туфайли рўй бермайди, бу омон қолиш ва тараққиётнинг бирдан-бир реал шарти бўлиб қолади. Ҳозирги пайтда буни ҳатто тасаввур қилиб бўлмайди.
– Айтганча, мистер Борк, турли диний мазҳабларнинг норозиликлари ҳақида ҳозирнинг ўзидаёқ талай маълумотлар бор.
– Шундай бўлиши керак эди. Кассандра тамғаси ўз табиатига кўра ҳаммага ва барчага бир хил даражада тааллуқлидир. Шу маънода кассандра-эмбрионнинг акс садоси кўп қирралидир. Инсониятнинг турли гуруҳларга, блокларга, оқимларга, ўзимизникиларга ва ўзгаларга бўлинишидан фойдаланадиган ва ана шу табақаланишлар ҳамда қарама-қаршиликлардан маънавий текинхўрлик йўлида манфаат оладиган кучларга кассандра-эмбрионлар умуман керак эмас. Кассандра-эмбрионлар улар учун ғов, фитна ва умуман муаммо. Бундай кучлар Филофейни ва унинг кашфиётини барча тилларда ва шеваларда ҳар қандай қилиб бўлса ҳам қоралайди. Бунда менинг ҳайратда қолишимга ўрин йўқ.
– Бу борада ҳам мен сизнинг фикрингизга қўшиламан, мистер Борк, бу суҳбатда мен яна ҳам кўпроқ нарсани билиб олдим. Кечирасиз, бир дақиқа алаҳсишга рухсат берасиз. Мени шошилич суратда кодли телефонга чақириб қолишди. Йўқ, йўқ, телефон дастасини қўймай туринг. Нима гап эканини сўраб биламан-да, суҳбатимизни давом эттирамиз. (Алло, алло, қандай янгиликлар бор? Шундайми? Ўҳ-ҳў! Яхши бўлмапти! Хўп бўлади. Тушундим. Биргаликда ҳаракат қиламиз.) Мистер Борк, узр, узр, маълумотларга қараганда вазият мураккаблашмоқда. Мен сиздан илтимос қилар эдим: маҳаллий полицияга телефон қилиб, супермаркет томондан бир талай намойишчилар бизнинг уйимизга томон келаётир деб айтсангиз. Турган гап улар норозилик билдиришади, ойнамиз ёнида бақириб-чақириб тўполон қилишади, дейсиз.
– Хўп, Энтони, полицияга ҳозир телефон қиламан. Хотиним ҳам ўзи анчадан бери қўнғироқ қил деб ҳиқилларди, мен пайсалга солиб келардим. Саҳардан бошлаб деворларга бизга қарши турли варақалар ёпиштириб ташлашди. Полициячиларга ҳозир Жесси ўзи телефон қилади.
– Ҳа, мистер Борк, ўзини эҳтиёт қилганни худо ҳам эҳтиёт қилади. Яна денг “Трибюн” газетасининг сизнинг мақолангиз босилган шошилинч сони ҳозиргина газетхонларнинг қўлига етиб борибди.
– Шундайми?! — хитоб қилди Роберт Борк асабийлашиб. — Демак, газетчилар фурсатни бой беришмапти.
– Шундай. Сиз энг йирик футурологсиз, ҳозир сизнинг сўзингиз олтин билан баровар. Энди газета атрофидаги шов-шувларни кўринг. Бу қамал қилинган қалъадан отилган замбарак ўқи. Шу билан бирга бу Ордокка қараб узилган биринчи ўқ. Очиғини айтсам, бу ҳол менинг дилимни сиёҳ қилаётир. Ўйлайманки, бизнинг мавқеимизни маъқуллайдиган одамлар бор, бор бўлганда ҳам оз эмас. Янгича фикр юритадиган зукколарнинг кассандра-эмбрионлар феномени ҳақида ўйламасликлари мумкин эмас. Ахир бу ўз-ўзимизни тушунишимизда бурилиш нуқтаси-ку! Бунақаси тарихда қачон бўлган?! Ана шу ҳодисанинг моҳиятига тушунган ҳар бир жон дарахт тепасида баҳор қуши бўлиб сайрамоғи лозим эди. Бироқ имоним комил — афсуслар бўлсинким, зукколарнинг аксари қисми оқизиб кетадиган тошқин селга қарши боришга журъат этолмайди. Ақл-идрокли зукко инсон оломонга қарши чиқади дейсизми – йўқ, у овозини чиқармай, муюлишда бухмалаб тураберади. Шунинг учун ҳам Ордок қўлига машъала олиб чопиб чиқди-да бутун дунё бўйлаб одамларнинг онгида ва дилида ёнғин чиқариб, авомни оғзига қарата олди ва сафарбар қила билди. Қаёққа қараманг қий-чув. Барча жунбушга кирган, оломонга қўшилсам дейди. Фоҳишаларки уюшиб митингга чиқишибдими, бошқаларни қўяверинг.
– Энтони, авф этасан, гапингни бўламан, ёшим катта бўлганидан фойдаланиб қистириб қўяй. Сен ҳали жуда ёшсан, фоҳишалар деганда сенинг кулгинг қистайди, тушунаман. Мен эса оғир бир хўрсинаман. Тўғри, фоҳишалар қадим замондан бери ўз бурчини ими-жимида бажариб келишган, лекин улар ҳамманинг кўз ўнгида қаторлашиб, норозилик митингига тўпланишса, мени кечирасан-у, бунақасини одам боласи эшитган эмас. Уят-андишани бир чеккага йиғиштириб қўйиб иш кўрадиган, айни вақтда ўзларини далил тутадиган бечора фоҳишалар бу сафар ҳам шароитга қараб иш кўришга мажбур бўлдилар. Ахир Кассандра тамғаси — генетик гулкосаларда сўлган ана шундай гуллар марсиясидир.
– Уларни сиёсатдон даюслар йўлдан оздиришган, бошқаларни ҳам. Ўйлайманки, қумғондан чиқариб юборган жинни ҳозир Ордокнинг ўзи ҳам эплай олмаётган бўлса керак. Мисол қидириб узоққа бормайлик. Йўлда машина қатновига назар ташлаб келдим. Қараб туриб, шуни туйдимки, ғизиллаб елаётган кўпгина машиналар бизни ортда қолдириб уйингиз томонга, Ньюберига қараб кетаётир. Машиналарда бораётганларнинг аксариси менга ўхшаб овози борича телефонда гаплашиб кетяпти. Афти-ангорлари совуқ, барча машиналарда одам тўла. Менга айтишларича ҳамма супермаркетнинг ёнгинасида тўпланишармиш.
– Ҳа, Энтони, у ер шундай йиғинлар учун қулай.
– Кошки эди фақат ўша ерда тўпланишса! Узр, мени яна алаҳсишга мажбур қилишмоқда. (Алло, мен эшитаяпман, ҳа, мен Энтони Юнгерман. Эшитаман. Тушунарли. Ҳа, ҳа, гапираверинг. Ўзим ҳам шундай деб ўйловдим. Яхши, мени ҳар доим хабардор қилиб тур. Тушунарли. О’кей!) Мистер Борк, ҳозиргина ҳабар қилишди — Нью-Йорк кўчаларида намойишчилар оломони. Айниқса, БМТ биноси олдида халқ кўпмиш. Полиция зўрға ушлаб турганмиш. Намойишчилар Филофейни космосдан йўқотишга рухсат беришни талаб қилишмоқда экан. Бу энди халқаро ҳаракат. Шуниси қизиқки, намойишчиларнинг олдинги сафларида кейинги кунлари манглайида Кассандра тамғаси пайдо бўлган ҳомиладор аёллар боришмоқда. Бу аёллар пешонасига буёқ ҳам суриб мана бундай шиорлар кўтариб олишган: “Қаранглар, бизга Кассандра тамғасини босишди. Бизларни қутқаринглар!” буларга кўпгина эркаклар ва аёллар ҳамдардлик билдириб улар ҳам пешоналарига хоч чизиб олишган. Вазият ана шундай.
– Ҳа, Энтони, ҳар ҳолда яхши эмас.
– Учрашганда гаплашамиз. Тез орада етиб борамиз. Энг муҳими, Мистер Борк, аппаратурани ўрнатиш, Филофей билан алоқа қилиш ва биргаликда ўйлаш керак.
– Кутаман, Энтони. Уйимизнинг ёнидан қандайдир овозлар эшитилаётир. Жесси гаражни ёпиш учун чиқиб кетди. Ойнадан кўриб турибман. Қандайдир нусхалар ҳовузга тош улоқтириб, безорилик қилишмоқда. Ҳозир полиция келади деб ўйлайман. Кутаман. Айтганча, Энтони, Филофей билан алоқа ўрнатиш учун қанча вақт керак бўлади?
– Йигитларнинг айтишларича бир соат, эҳтимол ундан сал кўпроқдир. Ана ўшанда Филофей билан юзма-юз гаплашиб оласиз. У факс орқали мақолангизнинг бир нусхасини олганмиш. Келажакда ва ҳозирги кунда қилинадиган ишларни, матбуот конференцияси ўтказиш масаласини келишиб олиш зарур. Қолганини мен боргандан кейин гаплашамиз. Ҳозир борамиз кутиб туринглар!
Кўчада шовқин авж ола борди. Машинадан тушганлар ҳам, супермаркет ёнида автомашиналар тўхтаб турадиган жойдан пиёда келганлар ҳам шошиб-пишиб юра бошлашди. Тўпланганлар панжара ёнида дарахтлар тагида туришиб, бир-бирлари билан ғовур-ғувур гаплашишар, наридан-бери бўёқ чаплаб ёзилган шиорлар ва чақириқларни ҳаммага кўрсатиб ушлаб туришар эди. Ҳамманинг дўқ пўписалари бир кишига қаритилган: “Борк — сенга шафқат йўқ!”, “Сохта таълимот тарқатган ялмоғизни ётган жойида жойлаймиз!”, “Профессорнинг манглайига Кассандра тамғаси куйдириб босилсин!”, “Инсон ҳуқуқларини поймол қилган киши ўзи ҳамма ҳуқуқларидан маҳрум бўлади!”, “Биз фан террористига бардош бера олмаймиз!”, “Борк — шайтон дастёри!”, “Филофей билан Борк бир харига осилсин!” ва ҳоказо ва ҳоказо.
Борк бўлса изтироб билан ўйлай бошлади: булар ким, ўша нусхалар! Улар нимага ва нима мақсадда бир пайтда тўпланишди? Улар бир-бирларини ҳеч қачон кўришмаган, билишмаган. Пес песни қоронғида топади дейишади. Улар оғиз-бурун ўпишиб фавқулодда ҳодисани кутиб кўчада шанғиллашмоқда — оқлар ва қоралар, эркаклар ва аёллар, ёшлар ва кексалар, бировларининг қўлида радиокарнай, бошқалариникида фотоаппаратура ва киноаппаратура, кўплар қўлларида радиотелефон орқали бошқа жойдаги кишилар билан гаплашишмоқда. Улар илгаригилари тарихий тадқиқотларда, назарий мақолаларда ҳикоя қилинган, шунингдек, турли рангтасвирларда, театр саҳналарида ўз аксини топган, кирдикорларини олдиндан билиб бўлмайдиган кучлар эканлигини тушуниш қийин эмас эди.
Мана, улар оломон бўлиб тўпланишди. Панжара ёнида зич бўлиб туришибди, уларнинг афти-ангори деразалардан аниқ кўринмоқда. Улар нима қилишмоқчи, нимани исташади? Охир-оқибат нимани хоҳлашади? Уларнинг қўлларида Варфоломей қирғинидан эсдалик бўлиб қолган машъала ёниб тургандай, оёқлари Римда исён кўтарганлар қонига бўялган кўча тошларига урилиб бораётгандай, тепаларида заҳар сочишга тайёр арилар ўз уяси атрофида ғувиллаб учиб юргандай. Фалокат ёки қандайдир шум қудрат уларни кўргилик учун бу ерга ҳайдаб келган бўлса, бу уларнинг айбимиди? Нима қилмоқ керак, уларга нима деса бўларкин? Ахир яқиндагина фюрер пайдо бўлди дегунча юз мингларча овоз билан завқ-шавқ ва содиқлик ифодаси сифатида майдонларда осмонни тешгудай бақириб-чақирган, фюрер қўлини кўтариб ишора қилса бас — тиззадан қон кечишга, ғарбга ҳам, шарққа ҳам, жанубга ҳам, шимолга ҳам елишга тайёр турган оломонни эслатмайдими улар? Яқин йиллардагина ўлгудай севикли доҳийсининг мурдасини бир лаҳза бўлса ҳам кўриб қолиш учун Сталин тобути атрофидаги ажал тиқилинчида бир-бирларини босиб оёқ ости қилиб кетган, устози билан биргаликда нариги дунёга рихлат қилишдан, қатағон қурбонлари — отиб ва осиб ўлдирилганлар қитъаси устидан юзи қаро арвоҳ бўлиб парвоз қилишдан қайтмаган оломонга нима деса бўларкин? Кечагина Теҳрон аэродромида интиқомдан бошини олиб қочаётган Эрон шаҳаншоҳини кўтариб парвоз қилмоқчи бўлган авиалайнерни ғилдирагидан ушлаб тўхтатиш учун тун қоронғисида шовқин-сурон кўтариб самолётга пешвоз югурган оломонга нима дейиш мумкин? Ўшанда савдойи оломон самолётлар парвоз қиладиган йўлда талай жойгача чопиб борди, самолёт эса қасоскорларнинг кўзини куйдириб тепада анча вақтгача чироқларини липиллатиб парвоз қилиб кетди, осмони фалакда бўлса инсон измига бўйсунмайдиган юлдузлар телбаларни мазах қилгандай жимирлаб турар, ўч ололмаганидан аламга тўлган одамлар баттар ғазаб отига минишар, Оллога илтижо қилиб ўша самолётни зудлик билан қайтариб келтиришни сўрашар эди.
 Энди бу ерда, янги бир маконда, Борк дарвозаси олдида оломон.
 У дераза олдида турар эди, ёнида Жесси. Уларнинг суҳбати ҳавосиз фазода сузишга ўхшаб кетар эди:
— Эшитаяпсанми, Роберт, улар ҳазиллашмаяпти.
– Ҳа-ҳа!
– Нима қиламиз?
– Мен чиқишим, уларнинг олдига боришим керак!
– Нима деяпсан, Роберт?! Ақлинг жойидами?!
– Жойида бўлганда қандай. Улар мени яшириниб олди деб ўйлашмасин. Улар исён кўтариб генетик инқирозни тўхтата олмаслигини, аксинча, зўравонлик охирзамонни яқинлаштиражагини билиб қўйишсин дейман. Уларга айтиб қўймоқчиманки, Кассандра тамғаси — тақдир тақозосидир. Ҳар бир кассандра-эмбрион сигнали барчамизга тааллуқлидир. Биз ана шуни тушунсак бўлди, йўл, имконият топилди деган сўз. Олдимизда нима борлигини кўриш учун кўзни каттароқ очиш керак.
– Бу тўғри, лекин олдин ўйлаб кўр, Роберт, бунинг ҳаммасини кимга тушунтириб бермоқчисан. Бу дорилфунунда ўқиладиган лекция эмас-ку! Сенга ким қулоқ солади? Улар гапларингни эшитиш учун келишган эмас-ку!
– Менинг бошқа имконим йўқ.
– Бу нима деганинг? ҳозиргина Энтони космос билан алоқа ўрнатади, мен Филофейни кўраман ва у билан ҳамма нарсани гаплашиб оламан, кечқурун эса Филофей билан биргаликда матбуот конференцияси ўтказамиз, муаммони ўз нуқтаи назаримиздан тушунтириб берамиз деган эдинг-ку! Ўйлайманки, одамлар ниҳоят, сизларнинг уларга ёмонлик раво кўрмасдан, яхшилик қилмоқчи эканликларингизни тушуниб олишади.
– Ҳозирча мен сенинг гапларингни эшитяпман, фикрингга қўшиламан, Жесси, ҳа, ҳозирча. Ахир, бу ерда тўпланганлар матбуот конференциясини кутиб ўтиришмайди-ку! Улар тезда орани очиқ қилишлари керак. Қарагин, одамлар устма-уст келишяпти, одам қанча кўп тўпланса, шунча тажовузкор бўлади. Ҳали вақт бор, улар билан очиқчасига гаплашиб олишим керак.
– Билмадим. Ўзингни таҳликага солаяпсан.
– Демак, мен ўзимни хавфга қўйяпманми? Мен уларга Филофей кашфиёти ҳақидаги ўз фикримни айтиб бермоқчиман.
– Сен бу фикрингни ўз мақолангда айтгансан.
– Бу етарли эмас. Ёки ундан қониқишмаган. Бу одамлар мақола ўқишмайди.
– Роберт, қара-қара, улар нима қилишяпти — сенинг суратларингни ёндиришяпти!
– Менинг суратларимними? Нима бўпти, мен сиёсий йўлбошчиманми?
– Қара! Бу суратингнинг катталаштирилган нусхалари.
– Нима дея олардим? Эсиз, қоғозлар ёняпти.
– Хўш, полиция қани?
– Полициянинг нима кераги бор? Полиция келган. Ҳў ана, учтаси муюлишда турибди. Сен уларни кўрмадингми?
– Атиги учтами? Нега улар жим туришибди?
– Уларнинг қўлидан нима келарди? Бировнинг суратларини ёндирганлари билан уларнинг неча пуллик иши бор. Вассалом.
– Бундай ҳолни телевизорда кўп кўрганман. Мана энди ўз кўзим билан кўрдим. Гўё ҳиндистонда бўлаётганга ўхшайди. Худди ўзи-я! Тезроқ Энтони келиб қолса эди! Нима учун улар келишмаяптикин?
– Билмайман. Шу пайтда кўчалар тиқилинч бўлади. Ўзинг биласан-ку!
 Иккаласи жим бўлиб қолишди. Шу топда уларнинг ўтиргилари ҳам, тургилари ҳам, гапиргилари ҳам, бирон нима дегилари ҳам келмаётган эди.
Худди шу он оломон ҳаракатга келиб буйруқ берилгандай баравар “Борк жавоб берсин!”, “Борк жавобгарликка тортилсин!” дея бўкира бошлашди.
Кейин бу бақириқ-чақириқлар авж олиб ғазабга мина борди. Энди чидаб бўлмай қолди. Одамлар Боркнинг ташқарига чиқишини талаб қила бошлашди. Қаёқдандир манглайини бўяб олган бир тўп аёллар пайдо бўлишди. Улар “Трибюн” газетасининг янги сонларини силкитиб “Борк разил! Боркка Кассандра тамғасини куйдириб босиш керак! Кассандра тамғаси учун калтаклансин! Борк — ярамас!” деб дод сола бошлашди. Бошқа бир гуруҳ одам “Ордок ҳақ! Ордок ҳақ!” деб ҳайқирар эди.
Вазият жўшга кириб, оломон ҳаяжонлана бошлади. Тартиб ўрнатмоқчи бўлган полициячилар бутунлай ожизлик қилиб қолишди. Улардан бири оломондан бир амаллаб қутулиб чиқиб машинасидан қаёққадир телефон қилиб ёрдам сўраганга ўхшайди.
Оломон кўчани тўлдириб Боркнинг уйи томон йўл олди. Халойиқ хиёбондаги узун ўриндиқлар, фонусларни узиб синдириб борарди. Кишилар овози борича қийқиришар, аёллар дод-вой солишар эди.
Эрининг пиджак кияётганини кўриб Жесси:
– Қаёққа кетаяпсан! Бора кўрма! — дея қичқириб юборди.
Лекин у хотинини итариб ташлади. Ана шу лаҳзадан бошлаб дунё унинг бир зумда хиралашган қорачиқларида бошқача акс эта бошлади. Борк билан Жесси бир-бирларининг кўзларига боқишар экан, уларнинг диллари дард-аламга тўла эди. Ва у қандайдир йироқдан гапираётгандай:
– Мени тўхтатма. Мен бу ғам-кулфат тўла косани сипқоришим лозим.
Жессининг афти чорасизликдан буришиб кетди:
– Сени ажал ҳайдаб кетяпти!
– Бордию шундай бўлганда ҳам, — бўғиқ овозда деди Борк, — барибир боришим керак.
У илгакдан шляпасини олди-да, дадил қадам ташлаб уйдан чиқа бошлади. Эшикдан чиқиши билан кутиб турган қайноқ оломон тўлқини уни домига олди. Уни кўрганда портлаган ҳайқириқдан осмон ларзага келди. Транспарантлар билан плакатлар ишга тушди, одамларнинг ўз плакатларини Боркнинг бурнига тиқиб оладиган шашти бор эди. У эшиги олдида турар экан, саросимага тушганидан кулар, оломонга қараб турса ҳам ҳеч кимнинг юзини кўра олмас эди. Бирдан бошига шляпасини кийди-ю ўз қиёфасига кирди. Оломон олдида йирик суяклари туртиб чиққан, юзи кенг, кўзларининг атрофларини ажин босган, лекин бўйни ҳали бақувват, тишлари бутун, оқ сочли чол турар эди. У Франкфурт журналистлари тили билан айтганда Кекса қоя эди.
Бир зум жимлик чўкиши билан Борк ҳаяжондан қал-тираган овозда бир неча калима сўз талаффуз қила олди:
— Кассандра-эмбрионлар — бу бизнинг мусибатимиз ҳамда жиноятимиздир. Бу учун биз жавобгармиз!
Қандайдир бир аёл мушукка ўхшаб бир сакраб унинг ёнига келди:
— Мана буни кўряпсанми? — деб пешонасидаги доғни кўрсатди. — Космосдаги иблиснинг менга солган тамғасини кўряпсанми? Мана, ўқи! Шайтон шайтоннинг тилини тушунади! — деди-да Боркнинг мақоласи босилган газета билан унинг юзига савалай бошлади. Газета парча-парча бўлиниб, шляпа учиб ерга тушди, шляпани шу ондаёқ эзиб ташлашди, ҳалиги аёл эса шаллақилик қилиб қичқирарди. У шундай шармандалик қилардики, афтидан ўз уйида ҳам эрининг бошида мана шундай ёнғоқ чақса керак.
— Сенинг қўлингдан ҳеч вақо келмайди. Мен ўша космосингга етиб бораман. Ҳали ўша Филофейни бўғиб ўлдираман!
— Ур уни! Сол! — ўша аёлнинг жазавасига шерик бўлгандай ҳайқиришди теваракдагилар. — Уни буёққа олиб кел! Судраб кел! — қичқиришди орқада турганлар мушт ўқталиб. Ҳамма унга ташланди. Уни ўнларча забардаст қўллар юлиб-юлқиб оломон қилиб юборишди. Жесси одамлар орасида сиқилиб қолди, унинг дод-фарёди-ю кўз ёшига ким ҳам эътибор берарди дейсиз.
Оломон ана шу даҳшатли манзарани тасвирга туширмоқчи бўлган телеоператорлар гуруҳини эзиб-қисиб ташлади, уларнинг асбоблари оёқ остида қолди. Бирон илож қилмоқчи бўлиб уринган бир неча полициячининг қўлидан ҳеч нарса келмай, гирдобдаги пайраҳа ҳолига тушиб қолди. Роберт Боркни эса қаёққадир сургалаб кетишди, қаёққа олиб кетишганини худо билади. Уни биров бўғзидан ушлаб, биров сочидан тортиб, биров лунжига қўлини тиқиб оғзини йиртган эдики, бирпасда бечора чолнинг афт-башарасини таниб бўлмай қолди. Одамлар бир-бирини сиқиб эзиб борар, бу эса оломоннинг ғазабини баттар авж олдирарди. Ит эгасини танимайдиган ана шу издиҳомда бир тўп қутурган кишилар футурологнинг тошлар боғига, ҳовуз яқинига бориб қолишди. Дунёвий руҳнинг ботин сирларига кириб боришга йўл топиш учун Борк қумга қандайдир сирли белгилар чизиб юрган жойда, худди ана шу ерда бари ниҳоясига етди. Кимдир эпчиллик қилиб гулхонадан суғуриб олган темир билан Боркнинг калласига туширди. Борк додлаб бошини ушлаган бўйи чалқанчасига йиқилди-да, қонга ботиб типирчилай бошлади, шундан кейин ҳам шўрликни дўппослайверишди.
Шу пайтда оломон орасида қандайдир янги ҳаракат юз бергандай бўлди, бир неча бақувват йигит одамларни уёқ-буёққа суриб Боркка томон юришди. Булар Энтони Юнгер ҳамда унинг космос билан алоқа ўрнатадиган ёрдамчилари эди. Улар бир зумда калтакланиб жон бераётган Боркнинг ёнига етиб келишди.
— Буни ким қилди?! Ким?! – бақирди Энтони Юнгер ҳаммани турли тарафга итарар ва улоқтирар экан.
Кўча устида пайдо бўлган полициянинг вертолети пасая бошлади. Паррак овози бақириқ-чақириқларни босиб, кучли шамол кўтарилди. Бу овозсиз фильмдаги саҳнани эслатар эди – оломон қутуради-ю, овози эшитилмайди. Вертолёт қўнди, ундан резина калтаклар билан қуролланган полициячилар сакраб тушишди. Одамлар тум-тарақай қоча бошлашди. Кўплар супермаркет томонга, ўз машиналарига қараб чопа кетишди. Кўпчилик қуён бўлиб қолишди. Яна бир неча дақиқадан сўнг ҳеч ким қолмади.
Энтони Юнгер иккита ёрдамчиси билан Роберт Боркнинг тилка-пора қилинган жасадини кўтариб кетишди, яна биттаси эс-ҳушини йўқотиб, йиқилиб сурилаётган Жессининг қўлтиғидан ушлаб вертолёт ёнига оборди.
Улар ҳаммаси полициячилар билан бирга вертолётга ўтиришди, Юнгернинг ёрдамчилари эса вертолётдан тушиб космик алоқа жиҳозлари солинган машиналарга чиқишди. Вертолёт уй устидан тик кўтарилиб учиб кетди. Сўнг ҳеч нарса эшитилмай қолди.
Атрофда бир жон қолмади; Боркларнинг эшик-деразалари уриб синдирилган, узун ўриндиқлар, фонуслар мажақланган, футурологнинг тошлар боғи оёқ ости қилинган эди. Бу қирғинбаротдан кейинги манзарани эслатар эди.
Орадан бир дақиқа ўтгач вертолёт гольф майдони устидан учиб ўта бошлади, қачонлардир Роберт Борк ана шу ерга келишни хуш кўрар, ёруғ, яшил ва кенг ана шу ўтлоқлар яқин-яқинда ҳам унинг тушларига кирган, марҳум дўсти Макс Фрай эса уни тушида ойдаги гольф майдонларига чақирган эди.
Вертолёт шаҳар госпиталига қараб йўл олди...
Энтони Юнгер Роберт Борк жасади устига энгашди. Қон оқишини тўхтатиш учун кўйлагини ечиб Робертнинг бошига ўраб боғлаб қўйди. Энтони Робертнинг бошини тиззасига қўйиб олиб, жонидан нишона бормикан деб унинг юзига термилди. Бир лаҳза футурологнинг юзида ҳаёт аломати сезилгандай, қовоқлари учгандай, Юнгерга тик боққандай бўлди. Ҳа, Юнгер билан Боркнинг кўзлари тўқнашди. Эҳтимол, Борк Юнгерни танигандир. Улар ҳаётларида биринчи бор учрашишди-ю шу онда видолашишди. Абадийликка, мангуликка видолашишди. Роберт Боркнинг боши шилқ этиб тушди.
Юнгер ўкириб юборди. Жесси эрининг мурдасига маъносиз боқиб турарди. Полициячилар бошларини ирғаб унга ҳамдардлик билдирган бўлишди.
Вертолёт госпитал майдонига келиб қўнди, лекин энди вақт ўтган эди...

* * *

Ҳозир океанда бўрон ўйнамоқда эди. Метеорология хизмати Атлантика соҳили бўйлаб кучли бўрон бўлиб тўлқинлар қутуражагини барча компьютер каналлари орқали хабар қилган. Атлантика океани устидан ўтаётган самолётлар кучли чайқалар, ҳаво кемаларининг командирлари йўловчилардан камарни боғлаб олиб, ўринларидан турмасликларини ўтинар ва парвоз мушкулликлари ҳақида ердаги хизмат идораларига хабар бериб борар эди. Стюардессалар илжайиб боқишга уринар, лекин табассум қилишнинг ўрни эмас эди – Атлантика океани ҳазиллашмаётган эди...
Ва фақат китлар – коинот радарлари – Ҳар доимгидек ўзларининг жамики кечинмаларини, туйғуларини, Коинотнинг акс садосини ўзида жамлаган эди. Китлар ана шундай ахборотларни жо қилиб, осмондаги турналарга ўхшаш ўткир учбурчак шаклида тизилиб борар эди. Океан бўлса уларнинг учбурчак шаклидаги сафини бузиб орқага қайтармоқчи бўларди. Лекин улар барча ғов-тўсиқларга дош бериб олға қараб борар, баъзан баҳайбат тўлқинлар қаърида кўринмай кетар, яна юзага қалқиб чиқар эди.
Уларга озиқ берган ва олға ҳайдаган куч қандай қудрат, улар нима учун ва қаерга сузиб кетмоқда?
Москвадаги Қизил майдонда эса ярим кеча. Бойқушнинг сайр соати яқинлашмоқда эди. У ҳали Спас минорасидаги соат тагида тинчгина мудрамоқда эди. Бойқуш бугун нимадандир хавотир, юраги нотинч. Дунёда қандайдир воқеалар содир бўлган... Ҳа, қуш буни сезди. Нимадир рўй берган...

Ў н и н ч и б о б

Шошилинч суръатда эълон қилинган “Космос-Ер” матбуот конференцияси тайинланган куни, белгиланган соатда бўлиб ўтди ва барча йирик каналлар орқали трансляция қилинди.
Лекин бундан олдин телекомпаниялар “эфир олди довули”га дуч келишди. Футуролог Роберт Боркнинг ўлими ҳақида хабар тарқалгач, дунёнинг турли бурчакларидан қўнғироқлар ва саволлар ёғилиб кетди, шов-шувга сабаб бўладиган матбуот конференциясини олиб кўрсатишни режалаштирган миллий компаниялардан, айниқса кўп телефон қилишди. Ҳамма фожеанинг қандай оқибатларга сабаб бўлиши, Филофей билан телеалоқа ўрнатиш масаласи, у билан кимнинг мулоқот қилиши ва энди матбуот конференцияси умуман бўладими деган масалалар ҳақида аниқ бир маълумот олишни истар эди.
Ер ҳамишалик ўз айланма йўлида олам кезмоқда ва ўша соат яқинлашмоқда эди... Буни ҳамма кутар эди...
Ниҳоят, телевизорларнинг экранларида зориқиб кутилган титрлар пайдо бўлди. Кетидан диктор қиз телевидение бундан олдин олим Робертнинг ўлдирилиши муносабати билан дунёда баён этилган фикрлар ҳақида ва оммавий ахборот воситаларининг шарҳлари тўғрисида маълумот беришни ўз бурчи деб билади, деб эълон қилди.
Шарҳларда ғаразгўйлик сезилиб турди. Шарҳлар одатдагидай таъзия билдириш, ҳамдардлик изҳор этишдан бошланди, сўнгра диктор фожиадан хурсанд бўлгандай билинар-билинмас илжайиб қўйди-да, диаграммани намойиш қилди, яъни кассандра-эмбрионлар тўғрисида Филофей таълимотининг, диктор ибораси билан айтганда, маддоҳи устидан бўлиб ўтган оломон юзасидан ўтказилган шошилинч сўроқ “натижалари ташвишли ва айни вақтда ҳайратомуз, ўзингиз ҳукм чиқаринг, ҳурматли телетомошабинлар” деди. Ранг-баранг устунчалар шаклидаги диаграммадан аниқ кўриниб турар эдики, сўроқ қилинганларнинг 83,7 фоизи футуролог устидан бўлган жазони маъқуллаган, шу билан бирга шу гуруҳдаги респондентларнинг кўпчилиги, яъни 76 фоизи ўша ерда, Ньюберида бўлганимизда, шубҳасиз ўзимиз ҳам фазовий иблиснинг ашаддий шериги устидан бўлган жазода албатта шахсан иштирок этган бўлур эдик деб жавоб беришган; сўралганларнинг 11 фоизи ваҳшиёна оломоннинг жиноий ҳаракатларини қоралаган ва буни жамият ахлоқий инқирозининг мудҳиш нишоналари деб ҳисоблаган; респондентларнинг қолган кичик бир қисми рўй берган воқеаларга бутунлай бефарқ эканлигини билдирган.
Шундан сўнг телетомошабинларга ўша тўс-тўполонларнинг социологик таҳлили натижалари намойиш қилинди. Бунда мамлакатлар, шаҳарлар, регионлар, демографик, ижтимоий ва бошқа соҳалар тилга олинган эди. Бу маълумотлар ҳам шуни кўрсатар эдики, бутун дунё, аҳолининг барча табақалари самовий роҳибнинг Кассандра тамғасини аниқлаш учун ерга зондаж-нурларни юбориб туришига қарши норозилик билдирган. Кишиларнинг кайфияти ва хатти-ҳаракатларида миллатчилик омили муайян роль ўйнаганлиги кўзга ташланарди.
Лекин энг даҳшатлиси турмаларда бўлиб ўтибди. Эҳтимол бу дастлаб кассандра-эмбрион ҳисоблангану, лекин туғилишга мажбур бўлган ҳомилаларнинг шуурсиз жавоби, яширинча пишиб етилган ва шиддат билан намоён бўлган исёнидир – энди уларнинг дунёга бўлган яширин нафрати Филофей томонидан ошкор қилингандир. Бўлмаса ана шу ваҳшиёна саҳналар, соқчилар ва ёрдамчи полициячилар билан бўлган жангларни қандай тушуниш мумкин: икки тараф бўлиб – бировлар каскалар кийиб, қалқонлар ва калтаклар билан ташланса, бошқалар қурол-яроқсиз, лекин бўридай қаҳр-ғазаб-ла курашиб, қирғинбароту ёнғинлар алангасида тўқнашишар эди. Турли мамлакатлар ва шаҳарлардаги маҳбуслар исёнларининг ташқи сабаби нима эканлигидан қатъий назар, машъум Кассандра тамғаси – жазо муддатини ўтаётган жиноятчиларнинг ғашига теккан ўша машъум хол асосий сабаб бўлганлиги аниқ.
Журналистлар ўша куни янада ғаройиб хабарлар келтиришди, масалан, портларнинг бирида уюштирилган репортажда денгизчилар норозилик билдириб сафарга чиқишдан бош тортишган. Лангар ташланган кемалар ойна-деразалари синган кимсасиз уйларга ўхшаб қаққайиб турар экан.
Гапирганларнинг ҳаммаси бир нарсани – самовий тажовузкор Филофейни ракета билан уриб туширишни, зондаж-нурларнинг манбаи бўлмиш орбитал станцияни йўқотишни талаб қилишар эди.
Телевизорларда сайёранинг турли нуқталаридаги шу каби воқеалар дарҳол кўздан кечирилгандан кейин ниҳоят экранда матбуот конференцияси ўтказиладиган зал пайдо бўлди. Залда одам лиқ тўла эди. Одамлар деворларга суяниб тик туришар, йўлакларга ўтириб олишган эди. Ҳамманинг кўзи тегишли асбоб-ускуналар билан жиҳозланган саҳнада эди – орбитадаги Филофей кўрсатилиши керак бўлган катта экран саҳнанинг ён томонида залга қия турар эди. Ҳар бири талай микрофонлар қуршовида икки киши – Энтони Юнгер ва телекўрсатувларни олиб борувчи, маълум ва машҳур Уолтер Шермет саҳнадаги стол атрофидан ўрин олишди. Залдагилар ҳаммаси ҳаяжонда – буни сокин ва умидвор чеҳралардан, балқиб турган сергак кўзлардан, чўзилган бўйинлардан ҳам кўрса бўларди. Керак бўлса шайтонни ҳам суратга ола биладиган кўпни кўрган фоторепортёрлар дарёдан сузиб ўтишга мажбур бўлган эчкиларга ўхшаб қўрқа-писа ишга киришишмоқда эди.
Тепакал, башанг кийиниб олган сўзамол Уолтер Шермет касби-кори тақозоси ила табассум қилмоқчи бўлди-ю, уддасидан чиқа олмади. Ҳозир унинг сўзамоллигию артистларга хос бепарволиги ҳам иш бермади. Энтони Юнгер эса, аксинча, хаёлчанлик билан иш тутди. Унинг мусибатдан дили вайрон эканлигидан ва ирода кучи ила ўзини дадил тутгани билан кимнинг не иши бор дейсиз, ахир у Роберт Боркнинг ўрнини босиши, миллион-миллион телетомошабинларнинг кўз ўнгида космосдаги Филофей билан мулоқотда иштирок этиши керак-ку! Бунинг устига кечаси унинг қаллиғи Кэтти онаси билан Дублин шаҳридан келган, матбуот конференцияси деб уларни аэропортда кутиб ололмади. Бу ҳам унинг дилини ғаш қилар эди. Энтони диққат-эътибор билан иш кўрар, ёноқларида ғурралар бўртиб чиққандай эди. Энтони тушунар эди: у ўз қўлида вафот этган Роберт Боркнинг иши ҳақ эканлигига ишонган ҳолда ўз фикрида мудом туриши ёки Ордок қўмондасидан бўлган кечаги оғайниларнинг мазахларию аҳмоқона ҳаракатлари, кўчалардаги ҳуштакбозликлару отилган тошлар дастидан Борк сингари нобуд бўлиши учун тақдир уни воқеалар пешсаҳнасига олиб чиққан эди.
Шу аснода қутқудан ўзини унутган одамлар орасидаги асабий вазият таранглашиб сўнгги нуқтасига етди. Ҳамма энг муҳим пайтни – телеэфирда Филофейнинг пайдо бўлишини кутар, шарҳловчилардан бири айтганидек, уни кўплашиб дунёвий нафрат оловига улоқтириш учун тайёр турар эди. Бу лаҳза тобора яқинлашмоқда. Энди портлатиш олдидан бўлгани каби секундлар кўпликдан озлик сари тескари йўналишда саналмоғи керак эди.
Кундузи куни госпиталда Роберт Боркнинг ўз ажалидан ўлмаганлиги ҳақида хулоса чиқарилганда Жесси кўз ёшларини зўрға тийиб, деди:
— Энтони, агар сени менинг Робертимнинг қисмати кутаётган бўлса, бу йўлдан қайт. Роберт учун ҳақиқат ҳамма нарсадан муҳим эди, у шу йўлда ҳалок бўлди. Сен ўзинг ҳақингда ўйла. Ҳали ёшсан. Сенинг ўн гулингдан бир гулинг очилган эмас. Робертга ўхшаб жонингни тикишинг шартми?
Шу дақиқада суҳбатни давом эттириш осон бўлмаганидан у қисқагина жавоб қилди:
— Мен сизни тушуняпман, Жесси. Лекин Роберт Борк ўз қисматига чап беришни хоҳламаган экан, нега мен чап беришим керак?
Улар госпиталнинг кутиш хонасида катта дераза ёнида, касаллар билан шифокорлардан нарироқда туришар эди. Қуёш ойна орқали хонага шаффоф ёғдусини сочиб турар, осмон ҳам осойишта ва тиниқ эди, сал нарироқда заранг дарахтининг барглари офтоб нурида беозор олтинланмоқда эди... Футурологнинг мусибатдан адо бўлган беваси бирдан кексайиб қолган эди. У дайди дарвишга ўхшаб қолганди. Жесси нима қилишини билмас эди. Аламини йиғидан олар эди. Ўзини тутиб олиш учун бўлса керак, нималарнидир ўзича тўнғиллар, алланималарнигина ўйлар эди.
— Роберт севги икки дарё қўшилгандай гап деб кўп айтар эди. Мен эса кулардим: ўзинг ана шу азим дарёда чўкиб кетасан, Боб, дер эдим. Мана энди тушундим – менинг дарём йўқ. Бу дарё тўхтаб, қуриб қолди, мен эса бўм-бўш қирғоққа улоқтирилдим...
Шу он Жессининг оғзидан қандайдир ғалати, сирли ибора чиқиб кетди:
— Ў, шўрлик китлар, мен виоленчель чалганимда энди сенларни ким эслайди?
Бу сўзлардан Энтони ҳанг-манг бўлиб қолиб, бу билан Жесси нима демоқчи бўлганини сўрамоқчи бўлди-ю ботина олмади. Айрилиқ не кўйларга солмайди одамни деб ўйлаб қолди.
Шундан кейин улар эртагача хайрлашишди. Энтони телеалоқага тайёрланиши керак эди. Вақт жуда кам қолган. Жесси Чикагодан қизи билан куёвининг келишини кутиб госпиталда қолди. Энтонининг омади чопди, госпиталга Дублинга телефон қилиб, сафарга отланаётган Кэтти билан гаплашди, у ҳаяжонда эди – ахир Кэттилар келиши билан тўй масаласини келишиб олиш керак эди-да.
ҳамма ишлар бир вақтга тўғри келиб қолишини ким билибди дейсиз. Эҳтимол, учар юлдузларгина Вақт ва Фазо орқали ўтиб бир-бирлари билан шундай тўқнашишар.
Кэтти билан суҳбатлашишнинг ўзи бўлмади. Кэтти Эн-тонининг қўнғироғини кутиб турди ва унинг ёқимли овози бир зум бахтли онлар бўлиб қулоғига кирди. Кэтти турган-битгани – киприк қоқиши, нафас олиши-ю қадам ташлашигача Энтони учун ҳеч қандай далил-исботсиз бахт эди.
— Бормисан, Энтони?! – деди Кэтти. — Телефон қиласан деб роса кутдим. — Телефондан таниш тафт келгандай туюлди. — Онам билан чорак соатдан кейин йўлга чиқамиз. Қандай, яхши юрибсанми, Энтони? Кутяпсанми?
— Узр, Кэтти. Мен ҳам ўлгудай тажанг бўлдим, сени кўрмай қоламанми деб чўчидим.
— Ҳечқиси йўқ, яқинда дийдор кўришамиз. Шунчаки сенинг овозингни эшитай деган эдим.
— Биласанми, бир муаммо чиқиб қолди. Ҳозир тушунтириб ўтиришга вақт йўқ. Кейин ҳаммасини айтиб бераман. Менинг учун онангдан кечирим сўра: мен сенларни аэропортда кутиб ололмайман. Таксига ўтиринглар.
— Нима гап ўзи, Энтони? Жиддий бир воқеа содир бўлдими?
— Ҳа, бўлганда қандай. Бу узоқ гап. Қисқача айтиб қўяй. Мен бугун кечқурун ҳалок бўлган футуролог Роберт Боркнинг ўрнига матбуот конференциясида иштирок этишим керак.
— Нега энди? Уни дарғазаб намойишчилар ўлдиришди деб радиода хабар беришди. Бунга сенинг нима дахлинг бор?
— Биласанми, мен Филофей билан ўрнатиладиган космик телеалоқанинг меъмори эдим.
— Филофей билан? Ўша, ҳалиги билан-а?
— Ҳа. Ўша билан Роберт Борк гаплашиши керак эди.
— Ҳеч нарса тушунмаяпман, Энтони! ҳеч нарса!
— Кейин ҳаммасини айтиб бераман. Шундай бўп қолдики, Филофей билан энди мен суҳбатлашаман, кейин сенга ва онангга тушунтириб бераман, лекин бошқа иложи йўқ.
Кэттининг овози пасайиб қолди ва унинг кафти билан телефон дастасини тўсиб турганини сезди:
— Яхши, Энтони. Кейин айтиб берасан. Мен онамга ҳозирча ҳеч нима демай тураман. У жуда ҳаяжонда, дарғазаб – қандайдир эси паст космосдан туриб бутун дунёни алғов-далғов қилса-я, дейди. Ҳар ҳолда хурсанд эмас.
— Мен онангнинг ҳам, сенинг ҳам ҳолингга тушуниб турибман, — жавоб берди Энтони. — Лекин ўтиниб сўрайман, Кэтти, онанг бўлар-бўлмасга ташвиш тортмасин. Кейин ҳаммасини ипидан игнасигача гапириб бераман. Мен сени кутавериб кўзим тешилди. Сени севаман. Аэропортда таксига ўтириб тўғри бизникига бораверинглар. Матбуот конференцияси тугади дегунча, қўнғироқ қиламан ва учрашамиз. Ҳаяллаб қолманглар, самолётга улгуриш керак. Ҳозирча хайр, сени ўпиб, севгилинг Энтони.
— Ҳозирча хайр, Энтони, ҳозирча... Ҳамма ишларинг ўнгидан келсин... Мен доимо сен билан биргаман.
— Мен ҳам... Кутаман...

Энтони Юнгер саҳнада ўтираркан Кэтти онаси билан Ирландиядан учган самолёт ҳозир Атлантика соҳилига яқинлашган бўлса керак деб ўйлади.
Залда эса шу пайтда космик телеалоқа ишлай бошлашига саноқли секундлар қолган эди. Бутун дунёда инсониятнинг тинчини бузган Филофей исмли бир шахс жамоат ҳукми олдида жавоб беради, дакки ейди.
Бугун кун бўйи Энтони Юнгерга бир фикр тинчлик бермас эди: “Борди-ю бизнинг оиламизда ҳам шундай бахтсизлик рўй берса, яъни Кэттида Кассандра тамғаси нишон бериб қолса-чи? Унда нима бўлади? Ўшанда нима қиламиз? Ахир бундан ҳеч ким қочиб қутула олмайди, биронта аёл ҳам. Ҳеч кимнинг ўз генотипида кассандра-эмбрионликдан қўрқмасдан иложи йўқ.”
Шу пайтда бутун зал космосдан бериладиган кўрсатувнинг бошланишини ҳаяжон билан кутмоқда эди, трансляция сигнали овоз бериб, экран ёриша бошлаши билан кўплар сесканиб тушишди. Пашша учса овози эшитиладиган жимлик бошланди. Кўрсатувни олиб борувчи диктор шоша-пиша халойиққа мурожаат қилди:
— Шундай қилиб, ўзини самовий роҳиб Филофей деб атаган олимнинг орбитал станциядан туриб ўтказаётган матбуот конференциясини олиб кўрсатамиз. Ҳаммага маълум бўлган фактларни – Филофейнинг Рим папасига йўллаган фавқулодда мурожаатини, шундан сўнг рўй берган фожеий воқеаларни эслатиб ўтирмаймиз. Ҳозир диққат қилишларингизни сўрайман...
Экранда тасвирлар дастлаб ёйилиб хира кўринди ва бир оздан сўнг ҳамма нарса равшан кўрина бошлади – экранда ҳаммага маълум ва машҳур кишининг афти-ангори кўринди. Ҳали ҳеч ким оғиз очмасданоқ фоторепортёрлар ўринларидан туриб экрандан Филофейни суратга ола бошладилар.
Уолтер Шермет фотоаппаратларнинг чақмоқларию шарақ-шуруқларини ёриб ўтиб, норозилик билдиришга мажбур бўлди:
— Тартиб сақлашларингизни илтимос қиламан. Кўзимизни қамаштириб қўйманглар. Биз иш бошлаймиз.
Фотоаппаратларнинг чақмоқлари бир оз камайиши билан Филофейнинг юз-кўзи йирик кўрина бошлади, у космосдан худди шу ерга яқин келиб қолгандай эди. Ҳамма ҳаяжонда. Одамларнинг кўз ўнгида Филофей бутун борлиғи билан намоён бўлди – бу буюк пайғамбарми, ақлдан озган улкан олимми ёки шайтони лаинми – ким билсин! Мана, жазава ва мусибатларга сабаб бўлган одам! Мана, осмондан туриб хотинларга зондаж-нурлар юбориб нурлантирган олим! Мана, Кассандра тамғаси ҳақидаги мудҳиш таълимотнинг муаллифи!
Кўринишига қараганда Филофей эллик ёшдан сал ошган. Юзи чўзинчоқ, малла сочлари елкасига тушган. Тўқ сариқ сийрак соқолига оқ оралаган. У экранда елкасига йўлхалта кўтариб, қўлига ҳасса ушлаб олган ва мўлжалга тўғри кетаяптими-йўқми эканлигини аниқлаш учун бир лаҳза тўхтаган йўловчига ўхшар эди. Кеч бўлиб қолди, манзилга етиб олармикин? Нигоҳидан ташвиш тортган диққат-эътиборли ва бир мақсадга интилувчан одам кўринади. Энтони Юнгер уни худди шундай тасаввур қилар эди ва тахмини тўғри чиққанидан хурсанд ҳам бўлди. Самовий роҳибнинг антиқа бўй-басти орбитал станциянинг ички безакларига ярашиб тушган. Филофей дадил ва ишнинг кўзини биладиган одам-ов! Ердан талай узоқда эканлиги ҳамда бирдан бир эрмагию овунчоғи бўлиб қолган севимли иши туфайли шундай сифат касб этгандир. Чуқур ажинлар, осилган қовоғи, тикилиб боқадиган кўк кўзлари қандайдир жозибадор, айни вақтда ғамгин туюларди.
Кўрсатувнинг дастлабки лаҳзаларида Энтони Юнгер Филофей инглиз тилида яхшироқ гапира оладими-йўқми деб ҳам безовталанган эди: одам чет тилда саводли ёза билса ҳам, айниқса кўпчилик олдида бемалол гапира олмаслиги мумкин-ку! Бироқ Филофейнинг дастлабки ибораларини эшитибоқ Энтони хотиржам бўлди — россиялик самовий роҳиб талаффузини ҳисобга олмаганда инглиз тилида бемалол гапира оларкан.
Суҳбат шитоб билан бошланди. Уолтер Шермет сохта хотиржамлик ва жиндек мутойиба билан деди;
— Салом, биродаримиз Филофей! Узр, сизга шундай деб мурожаат қилсак бўлармикан, а лаббай?
— Ҳа, шундай деяверинг, — жавоб берди самовий роҳиб ва қўшиб қўйди: — Хоҳлаган кишига мен биродарман.
— Борди-ю ҳамма ҳам биродарлашишни хоҳлашмаса-чи? — қочириқ қилди Уолтер Шермет.
— Ундай бўлса, ҳар ким ўзи билади. Ҳечқиси йўқ. Лекин мени мақбул кўрмаганлар учун ҳам мен ўзимни биродар деб билавераман.
— Нима учун сиз бу ҳақда ишонч билан гапирасиз? Бу билан ўзингизни бизнинг гуноҳкор дунёмиздан устун қўймоқчи эмасмисиз?
— Менинг вазифам — менга ким қандай муносабатда бўлмасин ҳар бир кишига ҳамдард бўлишдир.
— Шундай бўла қолсин. Бироқ учрашувимизни шу соҳада ўзаро муносабатларни аниқлашдан бошламайлик, — деди Уолтер Шермет гапга тўн кийдиришни давом эттириб. — Бундан ҳам жиддийроқ, сиз тушунсангиз керак, бундан ҳам қўрқинчлироқ нарсалар борки, булар бевосита сиз билан, биродар Филофей, Сизнинг, орбитал станциядаги илмий фаолиятингиз билан боғлиқдир. Биз матбуот конференциясига худди ана шунинг учун йиғилганмиз. Ҳа, лекин ишни бошлаш учун иштирокчиларни таништириб қўяй. Залда – журналистларнинг энг зўрлари йиғилган. Бевосита телекўрсатув бўлаётир. Мен конференцияни бошқарувчи Уолтер Шерметман. Ёнимда – Энтони Юнгер. У бугун эрталаб оммавий ғалаёнлар вақтида ҳалок бўлган футуролог Роберт Борк ўрнига телеалоқада иштирок этмоқда. Кечирасиз, нарсаларни ўз номлари билан айтишга тўғри келади: ана шу фожеий воқеаларга худди сиз сабабчисиз. Ҳали, Энтони Юнгер ўзини ўзи таништиради ва ўз фикрини айтади.
— Раҳмат, Уолтер Шермет. Мен Энтони Юнгерни танийман, — деб унинг сўзини бўлди Филофей, Юнгер томонга қарар экан. — Мен Энтони Юнгерни телетрансляция қилинган сайловолди митингидан бошлаб танийман. Мен бехосдан сизнинг сўзингизни бўлдим, гапиришга рухсат этасиз, мен бу дақиқани, бу учрашувни, сиз тилга олган нарсаларни гапириб бериш имкониятини, одамларнинг ақл-идрокларида ва дилларида аланга олган ёнғин ёлқинларининг космосга қандай етиб борганини ҳикоя қилиб бериш пайтини кутар эдим. Ҳа, бу ёнғинни мен аланга олдирдим. Ҳа, шундай. Лекин мен машъалани бидъатчиларни гулханда ёқиш учун олиб келган эмасман, мен одамларнинг дилларини ёритаман деб ўйлаган эдим. Бўлмади. Ҳаммаси зулматга айланди. Энди нажот йўқ деб қўрқаман. Менинг ёшимда бундай дейиш, эҳтимол, соддадилликдир, ҳақиқат ғалаба қилади деб ўйлаган эдим. Янглишибман. Дилларнинг ёришиши ўрнига ҳамма жойда алғов-далғов ва ғулғулага сабаб бўлдим. Буларнинг ҳаммасини телевизоримнинг экранида кўриб турибман. Бугун Ньюберида бўлиб ўтган ҳодисани ҳам кўрдим. Мен Роберт Борк билан телевидение орқали учрашаман, у билан сўзлашаман, деб ўйлаган эдим, лекин бу одамнинг ўз ҳовлисида ваҳшийларча ўлдирилишининг гувоҳи бўлдим. Руслар айтганларидек, беъмани ва шафқатсиз исён рўй берди. Бу ҳам менинг айбим билан бўлди! Худо томонидан менга юборилган ҳамфикримнинг ҳалок қилинишига космосда туриб бевосита сабабчи бўлдим. Одамлар, мен сизларнинг олдиларингизда тиз чўкаман! Лекин менинг энди тавба-тазарру қилишим бир пул. Ҳалок бўлган Роберт Боркни ҳеч нима билан тирилтириб бўлмайди, агар шундай қилишнинг иложи бўлса эди, мен ўзимни ҳозир қурбон қилишга тайёрман. Қанди энди...
Саволларингизга жавоб беришдан олдин мен яна бундай демоқчи эдим. Эҳтимол, залнинг барча саволларига жавоб бериб улгурмаслигим мумкин, олдиндан кечирим сўрайман. Мен кетаман, сизлар яшайсизлар, яшамоқ – саволларга жавобларни ўзи топиш демакдир. Мени тушунинглар, лозим топсангизлар, кечиринглар. Менинг пировардида бирдан-бир айтмоқчи бўлганим: кашфиётларимни ҳамманинг мулкига айлантирган эканман, мен буни шон-шуҳрат учун ҳам, нафсоният учун ҳам, бошқалардан афзал бўлиш учун ҳам қилган эмасман, агар мен шундай қилмаганимда, бу кашфиётлар оқибатсиз қолиб кетавериши ва дунё олдингидай бахтли ғафлатда яшайвериши мумкин эди. Биз доимий равишда такомиллашиб борадиган билимимиз орқали дунё сирларини оча бориш учун абадийликнинг мазмун ва моҳияти сифатида яратилган эмасмикинмиз, акс ҳолда дунёсининг нима кераги бор, заифлигимиз ва инжиқликларимиз туфайли қулай пайт пойлаб ҳақиқатдан юз ўгираверсак, абадийлик бизга кераксиз ва сирли қолаверадиган бўлса, абадийликдан на мурод? Биз ақлли мавжудотларнинг мақомини ерга урмаяпмизми – ахир бизсиз худолар худо эмас, бизсиз модда ҳеч нима эмас-ку! Агар биз “ахборот – тараққиёт йўлидир” дейдиган бўлсак, абадийликнинг моҳияти янгидан янги ва кенг қамровли узлуксиз ахборотлар оқимида эмасмикин? Цивилизациянинг абадийлиги – билимлар абадийлигидадир. Лекин биз ўз манфаатимиз йўлида, яъни ҳақиқатга хилоф ўлароқ билимга чап берсак, биз ўта ардоқли абадийликка чап берган бўлмасмикинмиз?
Мен конференцияда иштирок этаётганлардан аслида мутлақ конкрет нарсалар юзасидан мавҳум мулоҳаза юритганим учун кечирим сўрайман, лекин биз бугун Роберт Боркни ўлдирган эканмиз, у билан абадийлигимизнинг бир қисмини ҳам нобуд қилдик. Афв этасиз, мен хоҳлар эдимки...
— Рухсат этасиз, рухсат этасиз, биродаримиз Филофей! – унинг гапини бўлди Уолтер Шермет ўзини зўрға тутиб. – Юксак моддалар ҳақида мулоҳаза юритиш дуруст, албатта, фалсафаси мароқли. Лекин биз туғилиш мўъжизасига бош суқиб қолдик, – мен ҳомиладор аёлларда Кассандра тамғасининг пайдо бўлишига олиб келадиган самовий экспериментларингизни назарда тутаётирман. Сиз бизнинг ўзлигимизга ножоиз тазйиқ кўрсатаётирсиз. Сиз бизларни осмондан туриб назорат остига олмоқчисиз. Эслатиб қўйишга журъат этаман, бунга Ерда деярли ҳеч ким рози бўлмайди. Ҳа, ерда, бизнинг осий еримизда, сиз осмони фалакда туриб фикр юритманг, сиз дарғазаб одамлардан йироқдасиз. Улар ғазаб отига минишга тамомила ҳақлидирлар. Афв этасиз, мен ўз нуқтаи назаримни аён қилиб қўйяпман. Лекин ҳозирги ҳолатда таомил ҳақида, конференцияни бошқарувчининг одоб-ахлоқи тўғрисида сўз бўлиши мумкин эмас. Сизнинг кирдикорларингизга қарши норозилик билдирмасдан иложим йўқ. Сиз ҳар қандай эзгу ниятларни кўзламанг, ўзингизнинг илмий кашфиётларингиз билан, айтган бўлур эдимки, калондимоғлигингиз йўлида сайёра аҳлини ёппасига изтиробга солишга сизга ким рухсат этди, қандай куч илҳом берди?! Бу шаккоклик эмасми, айниқса роҳиб, Россия руҳонийлари айтганларидек, сохта роҳиб бўлсангиз. Сиз Худонинг қудратига шак келтирмаяпсизми? Инжилда ўзларингдан кўпайинглар, ували-жували бўлинглар дейилган-ку! Бу ҳеч қандай писандасиз айтилган. Сиз бўлсангиз ҳеч ким назорат қила олмайдиган нарсани тафтиш этишга журъат этдингиз. Сиз туғилиш сирини дўзахи кучларга қурбон қилмадингизми? Менимча, худди шундай қилдингиз! Агар бу ҳақда мистер Ордок бир сиёсатчи сифатида гапирган бўлса, мен кўп миллионли аудитория фикрини ифодалайдиган журналист сифатида гапираётирман.
Бирдан залда шовқин кўтарилди. Бу қандайдир ғалати манзарани эслатар эди: журналистлар сакраб туриб, микрофонларга отилар, гўё Филофей шу саҳнада тургандай унга қўллари билан ўқталар эдилар, Филофей бўлса, экранда лабларини ва кўзларини қисиб, босиқлик билан уларнинг гапларини бамайлихотир эшитиб турар эди.
Унинг юзи асабдан тортишиб кетганлиги сезилди. Бу учрашувни матбуот конференцияси деб аташга тилинг бормайди. Эҳтиросларнинг қутуришига қараганда конференция митингдан фарқ қилмас эди. Кимки бир амаллаб микрофонга етиб борган бўлса ўзининг исми-шарифини, газетасини, ахборот агентлигини айтиб бўлиши биланоқ самовий роҳибни жавобгарликка тортишни талаб қилар эди. Ҳеч қандай фалсафанинг ҳожати йўқ, ҳаёт тажрибасидан аъло нарса борми? Филофейни оғиз очишга қўйишмади. Унинг мазаси қочди шекилли экранда кўринмай қолди. Залда қий-чув кўтарилди. Экрандан тасвир йўқолди.
— Қаёққа кетдингиз? Сизга нима бўлди, — қичқирди Уолтер Шермет. Шу пайтда у яна пайдо бўлди, бу сафар унинг қўлида космонавтларнинг скафандри бор эди.
Залда бир зум овозлар тинди. Ҳамма ҳанг-манг бўлиб қолди. Филофей эса индамасдан скафандрни кия бошлади. Энтони Юнгер бу жимлик пайтидан фойдаланди. У ўрнидан туриб, залга мурожаат қила бошлади:
— Менинг сўзларимга қулоқ солишларингизни сўрайман, чунки мен телеалоқани ўрнатувчиларнинг бириман. Шу муносабат билан менинг ҳам ўз бурчларим ва ҳуқуқларим бор. Биринчи навбатда Уолтер Шерметга айтмоқчиманки, матбуот конференциясини давом эттиришни менга берсангиз. Сиз айтадиганингизни айтиб олдингиз, Уолтер Шермет. Залда бўлаётган воқеа, афсуски, журналистларнинг касбий учрашувларига мутлақо ўхшамайди. Матбуот конференциясида савол-жавоб деган нарсалар бўларди. Ҳозирча шу касбга оид саволлар қулоққа чалинмади. Ҳиссиёт мантиқни босиб кетди. Мен матбуот конференцияларида кўп бўлганман, лекин бунақасини кўрмаганман. Ҳатто Форс қўлтиғида яқинда бўлган уруш пайтида ҳам хилма-хил саволлар турли мавзуларни ифода этган эди. Ҳозир эса ҳамма жўр бўлиб ашула айтаётганга ўхшайди. Ва ҳамма бир бўлиб бир ҳукм чиқаришаётир.
— Рухсат этинг, Энтони Юнгер, — бардош бера олмади Уолтер Шермет, — ундай бўлса нега энди сиз бутун залдагиларга, залдагиларгагина эмас, балки бутун дунёга ўз фикрингизни ўтказмоқчи бўласиз. Нима учун айни вақтда учрашувнинг бошқа иштирокчиларини ўз нуқтаи назарини баён этиш ҳуқуқидан маҳрум қиласиз?!
— Муҳтарам Уолтер Шермет, мен тушуниб турибман, ҳозир вазият шундайки, кўз очиб юмгунча катта бир сиёсий капитал жамғариш, телевидение орқали халқ оммасига ўзининг содиқ эканини изҳор қилиш, жамиятнинг ҳимоячиси бўлиб чиқиш мумкин, шундай эмасми? Лекин бу билан ҳақиқат юзага чиқмайди. Вазият бошқа. Шунинг учун ҳали кеч эмас экан, сиёсатдан, унинг васвасаларидан воз кечишга, агар қўлимиздан келса, севикли сиёсатимиздан, унинг ҳар қандай шаклидан узоқроқ юришга чақираман, акс ҳолда биз муаммонинг туб моҳиятига етиб бора олмаймиз. Ҳақиқатга етиш жасорат ва амалийликни талаб қилади.
— Хўш, сизнинг ҳақиқатингиз ва жасоратингиз нимада? – залдан кимдир қичқирди.
Уолтер Шермет қаноат ҳосил қилгандай калласини қимирлатди ва бошқаларнинг ғашига тегадиган бир тарзда жилмайиб қўйди. Зал сергак тортиб, жимиб қолди.
— Жасоратга келганда, — деди Энтони Юнгер жимликдан фойдаланиб дона-дона сўзлар экан, — бу ҳақда мен гапирмай, чунки ўзимни жасоратли деб ҳисоблайман. Ишга келайлик. Мана бизнинг кўз ўнгимизда экранда буюк илмий кашфиёт, айтган бўлур эдимки, тарихда мислсиз кашфиёт қилган киши турибди. Бу кашфиёт бизга ёқадими йўқми – бу бошқа масала. Буни фан дейдилар. Биродаримиз Филофей – у мен учун ота, ота Филофей – кассандра-эмбрионларнинг инсоният учун аҳамиятини тушуниш йўлида бизнинг кўзимизни очишга ҳаракат қилмоқда. Бугун оломон қўлидан вафот этган бизнинг яна бир машҳур замондошимиз футуролог Роберт Борк Филофей кашфиётини Инсоният руҳияти тадрижий тараққиётида янги қадам деб баҳолаган эди. У бу ҳақда матбуотда ёзди. Бу эса унинг охирги сўзи, васияти бўлиб қолди. Мен бу ҳақдаги фикримни янги бир баҳо, янги бир хулоса дейишдан йироқман, лекин айтадиган гапим шуки, ўзимизнинг ўткинчи манфаатларимиз йўлида кассандра-эмбрионлар муаммосини инкор этишимиз инсофдан эмас. Гап ана шу ҳақда бораётир. Ҳозир ҳам ўз-ўзимизга ва маълум сабабларга кўра Филофей отанинг ўзларига савол берайлик. Эндиликда ҳамма биладиган ўша кассандра-эмбрионлар шахси олдида инсон бундан буён нима қилиши керак?
— Мистер Юнгер, — деди ўтирган аёллардан бири, — кечирасиз-у, масалани қўйишга сиз жуда фаол чиқиб қолмадингизми? Гап қандай шахс, хусусан эмбрионал шахс ҳақида кетаётир, сиз профессионал саволлар кутмоқдасиз. Марҳамат қилиб жавоб беринг-чи, ҳамманинг ўтакасини ёриб иложсиз-умидсиз бир аҳволга солишда давом этаётганингиз миллион-миллион газетхонлар ҳамда телетомошабинлар учун, матбуот учун лўнда қилиб аниқ қилиб жавоб беринг-чи бирон жон илтимос қилмаган ҳолда сиз Филофей иккалангиз нима учун шу ҳалокатли муаммони жамиятнинг бўйнига осмоқчи бўлаяпсанлар?
— Илтимос қилишганда қандай, хоним. Биргина руҳ эмас, сон-саноқсиз руҳлар сўрашяпти. Ҳомилалар бизга нажот сўраб мурожаат қилишмоқда, бизларнинг ҳаммамизни қулоқ солишга ва ўзлари ҳақидагина эмас, биз билан сиз – Ҳаммамиз ҳақида ўйлаб кўришга чорламоқда, биз бўлса уларга ҳам, ўзимизга ҳам жавоб беришдан бош тортаётирмиз, иродасизлик қилаётирмиз, ҳар ҳолда ёлғонни пеш қилиб бўлса ҳам шўрлик эмбрионларга чап бериб кетиш осон-да! Бунда биз ҳаммамиз, биз билан сиз ҳам, хоним, ўтган аждодларимиз билан бирга гуноҳкормиз. Ҳаммамизга қаратилган бу овозлар, такрор айтаман, тинглашга, ўрганишга, таҳлил қилинишга муҳтождир, бу буюк Филофейнинг кашфиётидир. Мен бу инсоннинг буюклигини юзига айтмоқчиман, мана, экранда кўз ўнгимизда турибди, лекин менинг бошқа иложим йўқ. Ҳа, у буюк зот. Сиз мендан, ўз иборангиз билан айтганда, биз жамиятнинг бўйнига осмоқчи бўлган ҳалокатли муаммони тушунтириб беришимни қаттиқ туриб талаб қилмоқдасиз. Айтайлик, Эйнштейн нисбийлик назариясини мажбурий равишда кашф қила олармиди? Филофей ҳам худди шундай – бу олим, бу фан, бу истеъдод, бу башо-рат, бу тажрибалар ва кашфиётлар, бу ақл-заковат. Мен шундай деб тушунаман. Тоғ ортидан қуёшнинг чиқишига монелик қилиб бўлмаганидай, бундай кашфиётга ҳам қаршилик кўрсатиб бўлмайди. Биз одамлар, яъни жамият ўз мавқеимизни аниқлаб олишимиз керак – гап ана шу ҳақда бораётир. Биз ўз-ўзимизга айтишимиз керакки... Инсониятга бундан буён ҳаётнинг янги дастури лозим.
Худди шу пайтда Уолтер Шермет ёнидаги телефон дастагини кўтарди-да, кимгадир қисқа луқма ташлади:
— Коммутатор, тайёрмисиз? – ва телефон дастасини қўяр-қўймасдан асабий бир ҳолатда Энтони Юнгерга мурожаат қилди: — Сиз Филофей билан қилган сафсатангизга халқаро жамоатчиликнинг жавобини эшитишни хоҳлайсизми? Сиз ишонч ҳосил қилмоқчимисиз?
— Сиз нимани назарда тутаётирсиз?
— Матбуот конференциясига бўлаётган акс садони назарда тутаётирман. Конференциямиз дунёнинг турли бурчакларидаги шаҳарларнинг майдонларида таржимаси билан намойиш қилинаётир. Қани ҳаммамиз, биргаликда сайёрамизда нима бўлаётганини, роҳиб Филофей билан унинг ҳамфикрларининг мулоҳазаларига кишиларнинг муносабатини ўз кўзимиз билан кўрайлик. Яна бир бор такрорлайман – дунёнинг турли нуқталарида, турли тилларда кишиларнинг муносабати билан танишайлик. Шундай қилиб диққат! – деб команда берди телефон дастурига. – Марказий мониторни ишлатинглар. Бошладик. Дастлаб Тяньаньмень майдонидан олиб кўрсатинглар, дунёда аҳолиси энг кўп давлатнинг пойтахти Пекин шаҳрида нималар бўлаётганини кўрайлик.
Саҳнанинг марказида ёғдуланиб турган катта экранда сон-саноқсиз одамлар изғиб юрган Тяньаньмень майдони. Бинонинг олд томонида Мао Цзедуннинг улкан сурати кўзга ташланади. Маонинг маъноли нигоҳи остида турган майдондаги даҳшатли қиёмат – аросат қутурган одам уммонини эслатарди. Хитойлар ёнғинда қолгандай қаттиқ жазава билан бақириб-чақиришмоқда. Шарҳловчининг гапига қараганда майдонда худди шундай воқеа 1989 йилда талабалар ғалаёнларини бостириш пайтида бўлиб ўтган эди. “Тяньаньменнинг жўр овозига қулоқ осинг, — деди сўзида давом этар экан шарҳловчи, — сўзма-сўз келтираман: “Филофейга ўлим! Социализм душмани ракета билан уриб туширилсин!”
Зал Филофейга, унинг экранда ҳам кўзга ташланадиган бўздек оқарган юзига, микрофон олдида тош қотиб турган Энтони Юнгерга, Уолтер Шерметга боқар эди, Шермет команда берар эди:
— Энди Москвани, Қизил майдонни кўрайлик! Диққат!
Қизил майдонда ҳам худди шундай манзара. Саҳар пайти. Гулханлар ёниб турибди. Оломон қичқирмоқда: “Сохта роҳиб Филофейга ўлим!” – “Иғвогар ракета билан уриб туширилсин!” Ана шундай оловланган қий-чув оломон устида бойқушга жуда ўхшаб кетадиган тунги қуш экранда лип-лип учиб кўзга ташланди. Бу қуш оёғи тушаб қўйилгандай мавзолей устида, Кремль девори бўйлаб наъра тортаётган оломон устида у ёқдан бу ёққа учар эди.
Уолтер Шермет Ер шарининг бошқа нуқталаридан олиб кўрсатиш учун шаҳд билан Берлин, Варшава, Монреаль, Рио-де-Жанейро дея буйруқлар берар ва ҳамма жойда худди шундай ҳолат, худди шундай дод-фарёд, ҳайқириқлар эшитилар ва ўша “Филофейга ўлим”, “Аблаҳ ракета билан уриб туширилсин!” деган ҳукмлар янграрди.
— Етар, бас! Менга сўз беринглар! – чап томондаги экрандан Филофейнинг овози эшитилди.
— Ҳа, қулоғимиз сизда, биродар Филофей! — деди Уолтер Шермет бамайлихотирлик билан. Қоматини ростлаб “Сиз амалдаги демократияни кўргач, энди нима дейсиз?” деганда Шерметнинг тепакали зафарли ярқирагандай бўлди.
— Кўнгилимга тугиб юрган нарсаларни айтаман, — деб жавоб берди Филофей. Унинг афти-ангоридан қандайдир ҳодиса олдида эканлиги унинг нимагадир жазм қилганлиги сезилиб турарди. — Мен сиздан миннатдорман, мистер Уолтер Шермет, сиз дунёнинг турли бурчакларидан репортаж уюштирдингиз. Энди ҳеч қандай шубҳага ўрин қолмади. Манзара мутлақ ойдинлашди — мен бутунлай мағлуб бўлдим. Мен инсоният диққатини ҳалокатдан қутилиш мумкинлигига ва ҳатто тадрижий тараққиётнинг янги бир босқичида эришиш имкониятига қаратмоқчи бўлдим. Бунинг учун битта йўл бор — у ҳам бўлса кассандра-эмбрионларнинг охирзамон ҳақидаги ишораларига қулоқ солиш ва умуман жамиятни, жумладан, ҳар бирингизни такомиллаштириш зарурлиги ҳақида хулосалар чиқаришдир. Мана оқибат — менинг уринишларимдан ҳеч нима чиқмади. Замондошларнинг менинг чақириқларимга муносабати охир-оқибатда салбий бўлиб чиқди. Тан оламан — мен мағлуб бўлдим. Ва мунозарани давом эттиришга ҳожат йўқ. Бўлди, нуқта қўйилсин.
— Биродар Филофей, мана энди сиз ҳақиқий вазиятни ҳисобга олаётирсиз, гап ана шу ҳақда бораётир: одамларни хотиржам қилиш, жамоатчиликка таскин беришга тўғри келади, шундай эмасми? — деди Уолтер Шермет.
— Ҳа, шундай — розилик билдирди Филофей. — Роберт Боркнинг ўлдирилишига олиб келган мислсиз ғалаён учун худо олдида ҳам, бандаси олдида ҳам мен гуноҳкорман. Мана вақти-соати етди — қилмиш учун интиқом пайти келди. Мен шунга хурсандманки, умримнинг сўнгги дамларида одамларнинг кўз ўнгида бўлиш имкониятига эгаман ва улар менинг тавба-тазаррумнинг самимий эканлигига ишонч ҳосил қилишлари мумкин.
— Биродаримиз Филофей, — деб яна бурнини суқди Уолтер Шермет, ўзини бутун дунё кўриб турганига ва ҳар бир сўзи олтин баробарида эканлигига ишонч ҳосил қилиб. — Биродаримиз Филофей, — такрорлади у, — шахсан сиздан бизга ҳеч нарса керак эмас. Омманинг ғазаби чексиз, бу рост гап, лекин бунга ўзингиз айбдорсиз.
— Ҳа, ҳа, ҳақ гап, — жавоб берди Филофей. — Яхши сўзларингиз учун раҳмат, лекин менинг қилмишим унча-мунчалардан эмас. Мен бунга жавоб бермоғим даркор. Дунё менинг кашфиётимни қабул айлагундай бўлса, ғояларимни руҳнинг ўзини ўзи янгича тушуниши деб билгудай бўлса, муродимга етишишимга ёки бўлмаса, қақшатқич зарба еб, ўз кашфиётимнинг қурбони бўлишимга ақлим етар эди. Бошқача бўлиши мумкин эмас эди. Мен таваккал қилган эдим. Сўнгги сўзим шу. Мен одамларга ёмонлик соғинмоқчи эмас эдим. Лекин амалда бошқача бўлиб чиқди. Яхши ният ёмонликка айланиб кетди. Энди ҳаммамиз ана шу ёвузлик қаршисида ожизмиз. Бироқ мен кашфиётнинг ўзидан, кассандра-эмбрионлар феноменидан, улар дунёнинг охир бўлиши хабарчиси деган фикримдан ҳеч қачон воз кечмайман; кишилар билиб қўйишсин: охирзамон ўзларимизда ёвузликнинг муттасил жамғарилиб боришидан, ўзларимизнинг қилмиш-қидирмишларимиздан, ниятларимизу мақсадларимиздандир; буларнинг ҳаммаси одамнинг генетик кодига таъсир эътиб, буҳронни яқинлаштиради. Пешона деворга теккандан кейин кеч бўлади...
Залда шовқин кўтарилди. Қаҳр-ғазабга тўла овозлар жаранглади. Ўтирганлардан биттаси микрофонга келиб жон-жаҳди билан бақира кетди:
— Дўқ-пўписани тўхтатинг! Лақиллатганингиз етар! ҳамма эшитиб қўйсин: бу самода туриб инсоният устидан ҳукмронлик қилмоқчи бўлиб юрган шайтони лаиндир. Ҳа, ҳа, ўтмишнинг ҳокими мутлақлари ана шундай қудрати мутлақ ҳақида хаёл сурганлар, бутун дунёда ҳукмрон бўлишни орзу қилганлар, инчунин бу ўша Гитлер, ўша Сталин. Улар қон кечиб келиб, қон кечиб кетганлар. Бу эса самодан туриб товламачилик қилиш билан дунёда ҳукмрон бўлмоқчи. Ҳозир у халқ нафратидан йироқ, ана шуни билиб туриб, инсониятга зулм ўтказмоқда!
Энтони Юнгер чидаб тура олмай микрофонга отилди:
— Мистер, сизнинг ким эканлигингизни мен билмайман микрофонга қараб томоғингизни йиртишдан олдин йўқ деганда ўзингизни таништирсангиз-чи!
— Менинг исмим ўлгудай жўн — Смит, Жон Смит.
— Бу бошқа гап, Жон Смит! Сиз билибми-билмасданми, ишнинг моҳиятини нотўғри талқин қилаётирсиз, сизнинг озодлигингизни-ю ҳуқуқингизни ҳеч ким поймол қилмаётир. Сиз хоҳлаганингиздай яшайверишингиз мумкин. Бироқ кашфиёт қилган, кишилик тарихида энг буюк кашфиёт қилган олим сизнинг беташвиш, бамайлихотир яшашингиз учунгина ўзининг илмий тадқиқотларининг натижаларини жамиятдан яшира олмади ва у буни яширмаслиги шарт эди. Филофейни ҳақиқатдан, ўзликдан воз кечишга мажбур қилса бўлар, лекин воқеа воқелигича қолаверади — кассандра-эмбрионлар яшайверади. Кассандра тамғаси бундан буён ўзимиздаги ёвузлик нишонаси бўлиб қолаверади. Ва биз ўзимизга фириб бермаслигимиз, бор нарсани ўзимиздан яширмаслигимиз даркор. Аксинча, биз, аниқроқ нима десам экан, ҳарбийлар тили билан айтганда, ўққа кўкрагимизни тутишимиз керак...
— Нима деяпсиз?! Шундай деб бўладими — ўққа кўкрак тутиш керак эмиш! Ким кўкрак тутади? Аёллар экан-да, — бутун залда хотин-қизлар гув этиб дод-вой солишди. — Сиз фақат эркакларнинг манфаатини кўзлайдиган худбин экансиз! Хотин-қизларнинг иштирокисиз иш битиришга эркакларга ким рухсат берди! Бу ерда ҳам лаънати патриархат иш бераётир! Мен шахсан ўққа кўкрак тутмайман! Ўша жирканчни, иснодни пешонамга тамға қилиб босиб юрмоқчи эмасман.
— Кечирим сўрайман! — экрандан Филофейнинг овози чиқди. — Кечирасиз. Худо ҳақи, мен сизнинг сўзингизни бўлмоқчи эмас эдим, лекин айтмасдан тура олмайман: Кассандра аломати — нуқсон ҳам, иснод ҳам эмас. Асло, мен тушунтириб бердим: бу кассандра-эмбрионнинг одам боласида авлоддан-авлодга жамғарилиб борилаётган ёвузликка муносабати, бу биз билан сизни огоҳ қилаётир. Дунё охир бўлишининг сабаби ўзимизда — Кассандра тамғаси ана шундай нишонадир. Илтимос, тинчланингиз. Шу дақиқада мени эшитиб турганларнинг ҳаммасидан ўтиниб сўрайман, охирги видолашув сўзимни айтиб олишга рухсат этгайсиз. Сўнгги бир кечаю кундузда кўрганларим, эштганларим менинг кашфиётимнинг жуда барвақт, бемаҳал эканини, бу кашфиёт замондошларимизга тушуниксиз эканини кўрсатди. Ва шунинг учун мен йўқолишга, ҳаётдан кетишга, яхшилик билан, эзгулик билан, тинчлик билан фонийликдан боқийликка рихлат этишга қатъий қарор қилдим, буни мен ҳеч ким халақит бермайдиган космосда қиламан. Ана шу дақиқаларда мени эшитиб, кўриб турган ёки мени кейинроқ билиб оладиган инсонлар олдида ўз айбимга иқрор бўлмоқчиман. Мен энг мусаффо ниятлар билан иш кўрган бўлсам ҳам сизларни қийноққа солиб қўйдим. Энди ҳаётдан кўз юмаётирман. Мен ҳозир очиқ фазога чиқаман. Шундай қилиб ҳаётимга якун ясайман. Буни тақдир дейдилар. Мен бундай ўлимга тайёрман, бошимга шлём кийсам бўлди. Мен Пушкиннинг “Ўша, булутдан юксак ҳужрага Худога қўшни бўлиб яширинсам” деган чақириғига кўра интилиб самовий ҳужрамни тарк этишдан олдин, яъни сўнгги қадам ташлашимдан илгари мени кўриб ва эшитиб турган барча одамларни ишонтириб айтмоқчиманки, сайёрага зондаж-нурлар тарқатиб турган барча асбоб-ускуналарни ўз қўлим билан йўқ қилдим. Барча ҳисоб-китоблар, тадқиқотлар, тадқиқотлар билан боғлиқ барча ёзувлар, Кассандра тамғаси феномени билан алоқадор жамики нарсалар йўқ қилинди. Буларнинг ҳаммаси йўқолди. Буларнинг ҳаммаси ўзим билан бирга кетади. Бундан буён хотиржам бўлинглар. Эҳтимол, инсон тафаккури қачонлардир бу ҳодисага яна қайтажак, лекин бу биздан кейин бўлади, бу келажакнинг иши. Ҳозирча эса ҳаммаси фалакнинг гардиши билан давом этаётир. Ҳеч қандай изсиз. Мендан кейин кимдир орбитал станцияни кўздан кечирадиган бўлса, бир нарсага кўзи тушиши мумкин. У ҳам бўлса менинг ўз ҳаётим ҳақидаги ёзувларим, самовий роҳибнинг тақдир, вақт тўғрисидаги, кассандра-эмбрионларнинг қандай қилиб ва нима учун менга ошкор бўлиб қолганлиги тўғрисидаги мемуарлардир. Ўзимдан қолдирганим фақат шу. Агар, ўғлим Энтони Юнгер борди-ю булар сенга маъқул туюлса, ана шу ёзувларни мен сенга васият қилиб қолдираман.
Қимматли Юнгер, кечирасан, сенга ўғлим деб мурожаат қилаётирман, бу менинг юрак амрим. Тақдиримдан розиманки, одамлар олдида сени ўғлим деяётирман. Менинг ҳаётим шундай кечдики, фарзандсиз қолдим ва охир-оқибатда, сўнгги лаҳзаларда Энтони Юнгер деган ўғлим бор деб ўйлайман.
Зал жим бўлиб қолди. Яна Филофейнинг овози янгради:
— Мени афв этасизлар, одамлар! Видолашиш пайтида ҳаммасини айтолмайсан. Лекин бир нарса ҳақида индамасдан тура олмайман. Мени кўпинча сохта роҳиб, сохта Филофей деб аташган. Ҳа, бу тўғри. Ҳеч ким мени роҳиб бўлиш учун сочимни қирққан эмас, менга ҳеч ким Филофей деб исм бермаган. Лекин гап черков маросимида эмас, гап тақводорликдадир. Бу соҳада мени тўғри тушунишларини сўрайман.
Вақт етди. Сизлар билан видолашаман. Ер куррасини экранлардан бирида бутунисига кўриб турибман — сайёрамиз коинот бўшлиғида сузиб юрибди, иккинчи экранда эса айрим-айрим манзаралар йирик қилиб кўрсатилаётир — унда ҳатто дарахтлар, ўтлар, тошлар кўзга ташланади. Бирдан қандайдир ғалати, ҳозирча тушуниб бўлмайдиган манзара пайдо бўлди. Агар орбитал монитордаги манзараларни ердагиларга олиб кўрсатиш техникавий жиҳатдан мумкин бўлса эди. Сиз ўша манзарани ўз кўзингиз билан кўрган бўлар эдингиз. Қаранг, қаранг, мана экран менинг ёнимда, ўнг томонимда турибди, қаранг экранда денгиз, бу уммон — Атлантика океани! Қаранг, соҳил яқинидаги саёз қирғоққа қандайдир даҳшатли тўлқинлар ёпирилмоқда ва нима бўлаётганини кўриб турибсизларми?! Китларни кўраяпсизми?! Ман шу китлар, бир гала бўлиб сузиб юришибди. Улар тоғларга ўхшаб океандан сузиб чиқишмоқда, қаранг, вой-бўй даҳшат. Ёпирай, Тангрининг қудрати билан китлар ўқдай сузиб келиб ўзини қирғоққа отмоқда! Улар нималар қиляпти? Булар ўзини ўзи ўлдирадиган китлар-ку! Уларга нима бўлган? Нима учун сувдан чиқади? Нима сабабдан ҳалок бўлишни хоҳлаб қолишади. Бунинг боиси нимада? Китларни шундай қилишга нима мажбур этаётир? Қандайдир ёвуз куч, қандайдир даҳшат ўлимга мажбур қилаётирми? Ёки бу кейинги қилмиш-қидирмишларимиз билан боғлиқмикин? Ўзларини ўлимга маҳкум қилган китларнинг нима учун шундай қилаётганини тушунаётгандайман. Афсуски, бу ҳодисанинг туб сабабини чуқурроқ ўргана олмайман, ҳаётнинг ана шу ғаройиб жумбоғининг сирини билиб олиш учун энди вақт йўқ. Роберт Борк ҳам худди шу аҳволга тушиб қолган эди. Унинг мақоласини ўқир эканман, тафаккурининг нақадар теран эканлигини туйдим. Шу билан бирга матн ортида айтиб улгурилмаган яна қандайдир фикр бор эди. Мен бир-биримизга дилимизни очамиз ва Руҳни янгичасига тушуна бошлаймиз деб умид қилган эдим. Бироқ бу насиб қилмади. Китлар ҳам худди шу аҳволга тушиб қолган. Уларнинг тили бўлганда эди, кўп нарсаларни билиб олган бўлур эдик... Лекин мен учун энди кеч бўлди... уларнинг нолаларини эшитаётганга ўхшайман. Китлар мени чақиряпти. Мен китларга қўшилиб кетаман. Мен ҳам ўзимни қирғоққа улоқтириб ўлдирадиган китман. Азизим Роберт! Мен сенинг олдингда айблиман. Энди ўзим китлар билан бирга сенинг ёнингга бораман. Алвидо...
Шундай кейин ҳамманинг кўз ўнгида рўй берган воқеа томошабинларни ҳанг-манг қилиб қўйди. Филофей бутун дунёнинг кўз ўнгида, телеэкранлар рўпарасида ўтирган барча кишиларнинг қаршисида ҳаёт билан видолашди. Самовий роҳибнинг ҳар бир ҳаракатлари унинг қарори қатъий эканлигини кўрсатиб турарди. Роҳибнинг ўзини ўзи ўлдираётганини ҳамма кўриб турди. Ва ҳеч ким Филофейни ўлим бўсағасидан қайтара олмади...
Залда ваҳимали жимлик ҳукм сурар эди. Ҳеч ким қимир этмас, овозини чиқармас эди. Барчанинг нигоҳи самовий роҳиб ҳаётининг сўнгги онглари акс этган экранга қадалган эди. Энтони Юнгер ўлим эркинлиги руҳнинг ҳеч нима билан тўлдириб бўлмайдиган, ҳеч нима билан ўлчаб бўлмайдиган улкан фожеаси эканлигини пайқаб қолди. Шу пайтда Филофей бошига космонавтларнинг катта шлёмини кийиб уни комбинезон ёқасига тугмалаб қўйди. Ана шу дақиқадан бошлаб унинг чеҳрасини кўриб бўлмай қолди. Ҳаммаси тайёр бўлди. Очиқ фазога чиқиш керак эди. Филофей орқасига қаради, бир нарсалар дегандай бўлди, лекин сўзларини эшитиб бўлмас эди. Қўли билан видолашар экан, очиқ космосга сакраш учун туйнук томон юрди. Туйнукнинг табақалари очилди-ю, Филофей бўшлиққа қадам ташлади.
У юлдузлараро фазога чиқиб юқориси ҳам, пасти ҳам, чап томони ҳам, ўнг томони ҳам, уфқ ҳам, чегараларию ўлчовлари ҳам бўлмайдиган чексизликка инди.
У фазода бир оз муаллақ туриб қолди. Кейин кемадан тобора узоқлашиб интиҳоси ва ибтидоси йўқ фазода сузиб кетди.
У вазнсизлик ҳолатида муаллақ сузиб, кўп ўтмасдан кўзга кўринмай қолди.


Ў н б и р и н ч и б о б

Қирғоққа отилган китлар саёзликда кўзларини чақчайтириб қийноқ ва даҳшатда жон таслим қилмоқда эди. Китларнинг жасадлари ёнғинда куйиб кетганга ўхшаб у ер-бу ерда думалаб ётар эди.
Ер эса ҳамон Қуёш атрофида айланиб-ўргилмоқда эди.
Кейинги куни эрталаб бутун дунё газеталари келишиб олгандай биринчи саҳифаларида “Космосда биринчи худкушлик!”, “Самовий роҳиб Филофей инсониятни Кассандра тамғасининг оғир синовларидан озод қилди!”, “Жойи жаннатда бўлсин!” каби шиорлар билан чиқди, газеталар, телеэкранлар ва радиоканаллар хилма-хил сенсацияларни тарқатди.
“Трибюн” газетасида Энтони Юнгернинг бир неча шошилинч сатрлари босилди: “Мен оталарим Филофей билан Роберт Борк изларидан боравераман...”
Шу билан бирга ичиқоралик билан баён қилинган тантанавор ҳайқириқлар ҳам бор эди: “Сохта роҳиб арши аълога кўтарила олмайди. У ҳозирданоқ коинотда қорни осмонда бўлиб қолган!”
Хилма-хил ҳайратомуз янгиликлар орасида яна ўша сирли хабар: “Атлантика океанининг ғарбий соҳилида катта бир гала китлар океандан қуруқликка отилган. Ҳаммаси нобуд бўлган”.
Яна бир ғалати, куракда турмайдиган хабар Россия газеталаридан кўчириб босилди: “Ўтган кечаси Қизил майдонда кимдир мавзолейнинг устига ўлган бойқушни улоқтирган. Қушнинг танасида портловчи қурилма топилмаган”.
Икки кундан сўнг Роберт Борк дафн этилди. Қабристонда шовқин-сурон бўлмади. Куз. Осмон мусаффо. Дафн олдидан дуо ўқилаётган пайтда Энтони Юнгер осмонга боқар экан, хаёлидан шу нарсалар кечди: ҳақиқат йўлини танлаган ҳар иккаласи тақдир этилган ўз жойларини эгаллашди: бири – космик фазодан, поёнсизлик оқимидан, иккинчиси — ер қаъридан, абадийлик оғушидан ўрин олди. Ва ҳақиқат ҳам улар билан...

Эпилог

“Отанг ким?” — деб сўрашса,
“Шамолдан бўлдим”, дер эмиш.
“Онанг ким?” — деб сўрашса,
“Тумандан бўлдим”, дер эмиш.
 Қирғиз халқ қўшиғидан.

“Вақтимнинг куйиб кулга айланишига саноқли онлар қолди. Шу боис видолашув мактубимни компьютерда теришга ошиқяпман. Ниҳоят, яна ғаройиб ҳодисанинг гувоҳи бўлдим: Ерда тағин янги кун туғилиши учун ёруғ кунни тун зулмати ямлаб ютаётир. Мана сизга мангуликнинг зоҳирий оқими, мана сизга вақтнинг аёний поёнсизлиги. Бироқ орбитадан кузатаётган шахснинг қисмати битди.
Коинот миқёсида инсон умри пашшанинг умридай гап. Бироқ инсонга тафаккур ато қилинган, шу нарса унинг умрини узайтиради. Лекин акси ҳам бўлади — кескин қисқартиради ҳам. Кун билан туннинг алмашиниши сирини неча марталаб беихтиёр кузатганман, ўшанда ўзимга охирги нуқтани ўзим қўяман деб сираям ўйламаган эдим. Энди менинг куним битди, гуноҳкор ҳаётимнинг охирги куни, менинг учун қиёмат куни етди. Ҳар қандай кишининг ҳаёти билан боғлиқ барча нарсалари каби, менинг қиёмат куним ҳам ўзим билан бирга кетади. Мен қиёмат кунимни ўзим белгиладим, аянчли имтиёзим ҳам, инқирозим ҳам шунда.
Мана шу сатрларни битиб бўлгач, насиб қилса, космик матбуот конференциясида сўзга чиқмоқчиман. Шундан сўнг ҳаёт билан видолашиб ўз жонимга қасд қиламан. Менинг ўзимга чиқарган ҳукмим шундоқ. Мен турмушнинг қонун-қоидаларини буздим. Мен миллионлар нафратига йўлиқдим. Роберт Боркнинг ўлимига мен айбдорман. Мен боши берк кўчага кириб қолганман. Мен даф бўлишим, ҳаётдан кўз юмишим лозим. Бошқа йўл йўқ.
Ўлим олдидан нафас олиб тўймайсан дейишади. Лекин мен пировардида ҳамма гапни очиқ айтиб олмоқчиман. Ердаги лаънати ҳаётнинг, жонингга тегиб бўлган бу дунёнинг сендан кейин қандай бўлишининг нима аҳамияти бор? Сенга бари бир эмасми? Тўнғиз қўпмайдими? Бироқ ўз қўлим билан ҳозирлаган ажалим олдидан мени ваҳима босмоқда — одамлар нима бўлади, Кассандра тамғаси ҳодисасини эртанги кун кишиларининг ақл-идроки, қалби қандай қабул қилади? Нима бўлганда ҳам, лаънатланган ҳақиқат ҳақиқат бўла олмайди. Бугун инкор этилган муаммо эртага яна пайдо бўлади, бундай қутилиш ҳечам мумкин эмас.
Менинг кун-соатим битди. Бундан тониб бўлмайди. Орқага йўл йўқ. Одамлар, мен сизларга тавба-тазаррумни қолдираётирман. Бундан сиз кейинчалик ўзини самовий роҳиб деб эълон қилган каминанинг ким эканини, насл-насабимни, умримни қандай ўтказганимни, нима ишлар қилганимни машъум кашфиётим — Кассандра тамғасининг сир-асрорини қандай билиб олганимни тушуниб етасиз...
Видолашар эканман, яна икки оғиз сўзим бор. Космосдалигимда менинг онгимда мислсиз кечинмалар, хаёл-фикрлар жўш урди. Нима учун шундай бўлди — билмайман сабабини. Ҳар сафар космосдан булутлар пардаси орқали ерга боқар эканман, таҳсинлар ўқийман: ё Раббим, қандай буюк бир самовий хилқат Ер ўзи. Қуёш ҳам инсоният маскани бўлмиш Ер учун яратилган бўлса ажаб эмас, йўқса буларнинг ҳаммаси на керак? Дунё инсон учун керак — одам унинг асл моҳиятини тушуниб олиш учун яратилган, шу боис ҳам дунё турибди. Бўлмаса бутун бошли галактикаси нимага керак, акс ҳолда на мазмуни бор, на мундарижаси бор дунёсининг? Худо ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин! У одам учун зарур, шунинг учун ҳам у Худо, шунинг учун ҳам у барҳақ! Лекин инсон шу коинотга, дунёвий қонунларга муносибмикин? Ана шу улкан очунга арзирмикин? Оламнинг жумбоғи ана шунда!
Бас, кунпаякун бўлиш фурсати етди. Саноқли дақиқалар қолди. Кўп ўтмасдан ўзимни улоқтириб ташлайман, станциядан очиқ фазога сакрайман. Ердан узоқда. Бениҳоя узоқда. Ва бутунлай гум бўламан.
Мени афв этинглар.
Филофей”.
Филофейнинг хати ва унинг Тавба-тазаррусининг русча матни орбитал станцияга астронавтлар келиши биланоқ космик роҳибнинг хонақосидан Ерга жўнатилди. Космик кема қўмондонининг шошилинч хабарномасида айтилишича: шахсий компьютернинг хотирасида Филофейнинг васияти сақланган, бу васиятда самовий роҳиб космик станциянинг бўлажак ходимларига мурожаат этиб, компьютер хотирасида терилган Тавба-тазарруни Энтони Юнгернинг ихтиёрига юборишни илтимос қилган. “Энтони Юнгер менинг ёзганларимни нима қилса ўзи билади”.
Матн сарлавҳаси: “Сен билан ва сендан кейин кўрган-кечирганларим”.
Сўнгра бундай дейилган:
“Илгарилари космосдаги орбитал станцияга келиб қолишни хаёлимгаям келтирмаган эдим. Мени бу ерга фан етаклаб келди. Лекин космосга фақат илмий мақсадлар илинжидагина келмаганимни, балки бадарға қилинганимни, Ердан ташқарига ўзимни ўзим қувғин этганимни, кейичалик ўзимни самовий роҳиб деб номлаганимни ҳеч ким билмайди. Ўтмиш даврларда сиёсий ёки бошқа сабабларга кўра чет эллардан ўз ватани — Совет Иттифоқига қайтмаган ва шу тариқа бутун дунё кўз олдида буюк давлатнинг ҳокимларига қарши чиққанларни “ўз ватанига қайтишдан бош тортганлар” деб аташган, мени ҳам шундай деб аташ тўғри бўлса керак.
Йўқ, бу гал ишлар бошқачароқ. Мен бадарға ҳам қилинган эмасман, ўз ватанига қайтишдан бош тортган киши ҳам эмасман, осмони фалакка келиб қолишимни тушунтириш қийин — бу ўзликка чекиниш, космос орқали ўзликка чекинишдир. Буни руҳиятнинг космос билан уйғунлашиб кетиши деса бўлар эди, бироқ бу ўта баландпарвоз туюлиши мумкин. Лекин космосда бўлишим бутун ҳаётимнинг мантиқий якуни, тараққиётимнинг энг олий ва сўнгги нуқтаси бўлди. Бу азалий қисмат бўлса ажаб эмас. Бунга ишониш қийин, лекин дунёда нималар бўлмайди дейсиз.
Менинг тақдирим ҳам бошқаларникидан айрича. Шу боис ҳам мен умрим бўйи бу ҳақда гапирмасликка, насл-насабим, тўғрироғи туғилишим сирини доимо ошкор қилмасликка тиришдим.
Мени чақолоқлигимда адёл устидан қоп-матога ўраб болалар уйининг эшиги олдига ташлаб кетишган. Эшик олдидаги соябонли пиллапоя рус тилида “кирильцо” дейилади. Менга болалар уйида Крильцов деб фамилия беришганининг сабаби ҳам шунда. Отимни Андрей дейишган, ота исмим Андреевич ҳам исмимдан олинган. Крильцов Андрей Андреевич. Бу аянчли воқеа, менга айтиб беришларича, 1942 йилнинг охирларида субҳидамда рўй берган. Ўшанда қор қалин эди. Мен эса субҳи содиқ пайтини эс-эс биламан, десам, бунга ҳеч ким ишонмайди, албатта. Лекин мен тўғрисини гапираман. Ўшанда қулоғимга онамнинг қадамлари остида қорнинг ғарч-ғурч овози эшитилган. Ёдимда, онам ўша қиш куни, каллайи саҳарда шоша-пиша қадам ташлар эди. Эсимда, у безовталаниб мени бағрига босар, дам-бадам сесканиб чўчиб тушар эди, онам юрагининг қўрқинч аралаш гупиллаб урганини менинг нораста танам сезар эди. У қадам ташлаб борар экан, ҳарсиллар, ўзича нималарнидир гапириб-гапириб қўяр, менга қараб нималарнидир пичирлар, ўкраб юборгудай бўлар ва кўз ёшини базўр тияр эди, онам мени болалар уйининг эшиги олдига ташлаб кетиш учун кўтариб бораётган пайтда адёлнинг тирқишидан унинг юзига кўзим тушди, қор қоплаган киприкларини, тепадаги булутли осмонни, қор учқунларини кўрдим. Бўралаб қор ёғаётган эди. Афтидан у менинг қулоғимга шундай пичирлади: “Сен йиғла, овозинг борича йиғла, ўшанда сенинг овозингни тезроқ эшитишади”.
У мени эшик олдида ерга қўйгандан сўнг бу қилми-шининг сир-асрорини ҳадеганда тушунавермадим. Мен совуқ ея бошладим ва онам қайтиб келиб мени кўтариб олар деб кутдим. Лекин у нарироқда қор босган буталар орқасида яшириниб турар ва мен томонга келмас эди. Шундан кейин мен йиғладим, қаттиқ йиғладим, шу аснода эшик очилиб, кимдир келди-да мени кўтариб олиб кетди...
Қорни тилга олишимнинг боиси шуки, кейинчалик эшитишимча қор уюмларида онамнинг излари қолган, бошқа ҳеч қандай нишона топилмаган экан.
Мен энди тасаввур қиламан – буталар орасида яшириниб туриш ва ташландиқ боласининг чинқириғини эшитиб ҳам ёнига келмаслик онамга осон бўлмаган бўлса керак. Мен тез-тез, доимо бир хил туш кўраман: қалин қор уюмлари узра қадам ташлайман ва онам изларини ахтара кетаман, бу излар эса қоронғи ўрмонга олиб боради: мени ваҳима босади, қор кўмиб ташлайди, совқотаман: “Она! Онажон!” дея фарёд соламан-да, уйғониб кетаман.
Лекин менинг онамни ўша даҳшатли саҳар пайтида бундай мудҳиш қилмишга нима мажбур этди экан? Кошкийди билсам! Менинг отам ким эди? Буни онамнинг ўзи билганмикин? Шу каби кўплаб саволлар мен учун жавобсиз, бутун умрим бўйи жумбоқ бўлиб қолаверди.
Болалар уйида бу ҳақда менга ҳеч ким оғиз очмади, ўзим ҳам бунга ҳаракат қилмадим. Очиғини айтсам, кимгадир юрагимни тўкиб солгим келар эди. Лекин онамнинг ўша қорли қиш куни тонгда мени кўтариб борганини эслайман, холос, бошқа ҳеч вақо ёдимда қолмаган. Бунинг устига чақалоқлигимда эсимда қолган воқеаларни айтиб берганим билан ҳеч ким ишонмас эди.
Аммо дунёда нима учундир менинг сўзларимга қулоқ соладиган, айтганларимни жон қулоғи билан эшитадиган аёл бор эди. У Валерия Валентиновна ёки хизматдошлари тили билан айтганда Валя эди. Биз болалар ҳам уни Вава, Вава хола дер эдик. Бу сўзда қандайдир илиқлик, қон-қардошлик маъноси бордай эди. Табиийки, Вава хола бизнинг энг суюкли тарбиячимиз эди.
Бизнинг 157-болалар уйимиз Руза шаҳрининг чеккасида, Малеевка посёлкасининг ёнида Москвадан тахминан юз чақирим нарида эди. Болалар уйи немис қўшинлари Москва остонасидан чекингандан сўнг орадан кўп ўтмай фронт яқинидан келтирилган болалар учун етимхона сифатида қурилган эди. Вава ўша пайтда бу ерга яқин – Руза шаҳридаги ўрмон-паркда жойлашган композиторларнинг Ижодиёт уйида ишлар эди. Аслида бу кошона совет композиторларини етиштириб берадиган «парваришхона» эди. Бу ерда турли ўлкалар ва республикалар композиторлари давлат таъминотидаги парваришхонада ҳар бири шахсий коттежда яшаб асрнинг тантанали музикаси – барча замонларнинг энг буюк доҳийси, халқларнинг отаси ўртоқ Сталинни шарафлайдиган кантаталар ва хораллар ижод қилишар эди... Баъзида бу ерга юксак мартабали партия арбоблари қадам ранжида қилишиб, этикчи ўғлидан XX аср ҳокимига айланган ана шу зотга бағишланган музикавий асарларни биринчи бўлиб эшитиб кўришар эди. Ўқтин-ўқтин бу ерда оталиқ концертлари ҳам уюштирилар, бундай концертларга биз – болалар уйининг тарбияланувчилари ҳам киритилар эдик. Вава хола ижодиёт уйининг маъмури эди, бунинг устига бу аёлнинг ўзи бинойидай пианиночи ҳам эди. Шу боис у урушдан кейин бизга музика раҳбари бўлиб келган эди.
Қирқ биринчи йилнинг кузидан то қирқ иккинчи йилнинг баҳорига қадар Руза шаҳри ва унинг атрофларида немисларнинг танк қўшинлари турган эди. Бу воқеага менинг ҳеч қандай дахлим йўқ эди, албатта, бироқ мен туғилган вақт билан ташландиқ болалик тақдирим ўртасида қандайдир алоқа борга ўхшайди, ҳар ҳолда Вава холанинг бу ҳақда ўйланиб қолганларини сезганман. Ўсмирлигимда мен билан бўлган суҳбатларда бунга шама қилган пайтлари ҳам бор. Вава хола Руза деярли ярим йил давомида немислар қўлида эканлигида шу шаҳарда яшаган, кўп нарсаларни билади. Иккаламиз музика хонасида холи қолганимизда у менга нота ўргатар эди, баъзан шундай ҳам бўлар эдики, суҳбатимиз музика машқларидан йироқ-йироқларга кетар эди.
Вава! Вава! Қани энди кекса бўлса ҳам ёнимда сенга ўхшаган онам бўлса эди, сен ўз онамдай сирдош, жондошсан. Тасодифни қаранг, ҳеч қачон менинг онам бўлмаган, Ваванинг эса – болалари. Бу аёлнинг ҳаётида нега омади келмаганикин, унинг бола-чақали бўлишига нима халақит бердийкин? Эҳтимол у сўққабош бўлганидан етим болаларни жонидай кўрар?
— Андрюша, — дер эди у менга, — сен ташландиқ эканлигингдан ич-ичингдан зил кетасан, албатта. Мен сенинг аҳволингга тушунаман. Бу ҳақда ўйламаслик мумкин эмас. Лекин бундай ўй-хаёллардан не наф? Сен ўзингга четдан қараб боқ. Бутунлай ўзгача бир манзарани кўрасан. Мен янглишмасам, Худо сенга, Андрюша, чўнг истеъдод ато қилган. Худо ҳаққи шундай! Менинг сўзларим бир куни бўлмаса, бир куни эсингга тушар, сенинг бошинг олтин, сен ҳаддан зиёд қобилиятли боласан. Ҳатто музика соҳасида ҳам сендан бинойидек навозанда чиқиши мумкин. Лекин ким бўлиш ўзингнинг ихтиёрингда. Музикани ўзинг учун ўргансанг бўлади, одамлар учун эса бошқа соҳаларда хизмат қилишинг мумкин. Мактабни тугатиб ўқишни давом эттирасан, хоҳлаганингдай ҳаёт қурасан. Сен учун ҳамма йўллар очилади, Андрюша, бундай зеҳну қобилиятинг билан ҳали узоққа борасан. Сенга халақит берадиган нарсанинг ўзи йўқ. Онангнинг ким эканлигини парвардигордан бошқа ҳеч ким билмайди, отангнинг ким эканлиги ҳам мутлақо номаълум. Онангни ким мажбур қилди ўз жигарпорасидан воз кечишга, ғойиб бўлишга? Бу ҳақда бирон нарса дейиш амримаҳол. Менинг фикри ожизимча, сен онангнинг гўрига ғишт қаламаслигинг керак. Йўқ, она айбдор бўлса ҳам уни афв этиш лозим. Сен онангдан миннатдор бўлишинг керак десам жаҳлинг чиқмасин. Ҳа, миннатдор бўлишинг жоиз. Бу гаплар қулоғингга ғалати эшитилиши мумкин. Ўзинг бир ўйлаб кўр, Андрюша. Бирни кўриб фикр қил, мингни кўриб шукр қил. Сендаги фавқулодда салоҳият онангдан, ота-онангдан мерос, бу истеъдод онангдан, у орқали ўтган. Сени ташлаб кетиш осон бўлмагандир у муштипарга. Шунга журъат қиптики, сени асраб қолишнинг бошқа чорасини тополмаган, шўрлик. Бунга менинг иймоним комил. Таваккал қилиб таҳликага борган. Бундай йўл танлашга нима мажбур қилган уни? Билмайман. Энг муҳими, сен омон қолдинг. Гап гап билан, аммо мамлакатимиздаги болалар уйлари чакки эмас. Ўзингга қараб баҳо бераверишинг мумкин. Гап яна онангга бориб тақалади. Сенинг бўйи-бастинг, ақли ҳушинг онангдан мерос. Сендаги жисмоний ва ақлий иқтидор аксари табиатдан, демакки онангдан. Менинг сенга бир маслаҳатим бор: сенинг онанг ноиложликдан шу йўлни тутган, бу сўзларимни қулоғингга қўрғошиндай қуйиб ол. Вояга етгач, оқ-қорани ўзинг ажратиб оларсан.
Йиллар ўтиб мен шундай хулосага келдимки, Вава қандайдир фавқулодда вазиятларни, очиқ муҳокама қилиб бўлмайдиган сирларни назарда тутган экан. Ваванинг ўз фикрларига нақадар амин эканлиги ҳақида бирон нарса деб бўлмайди. Орадан бир неча йил ўтгач, Москвада университетда ўқиб юрган кезларимда Вава вафот этди. Лекин Ваванинг гаплари умрим бўйи қулоғимда жаранглайди, аммо кампирнинг оғзидан чиққан сўзларининг тўғри-нотўғрилигини исботлайдиган бирон далил йўқ.
Мен тўққизинчи синфда ўқиб юрган пайтларимда Малеевка посёлкасида катта бахтсизлик рўй берди. Бир аёл ва унинг ўн етти яшар қизи ўз жонларига қасд қилишибди. Аввал она, сўнг қизи ўзини осиб қўйибди. Она ёлғиз қизи билан турар экан. У композиторларнинг ижодиёт уйида фаррош бўлиб хизмат қилар, қизи эса мактабда ўқир экан. Бу аёл немис қўшинлари Москва остонасидан чекиниб кетгандан сўнг ярим йил ўтгач туққан экан, қизи немис солдатидан, яъни босқинчидан, истилочидан, фашистдан туғилгани ҳеч кимга сир эмас экан. Қўшнилар шўрлик аёлга кун беришмас, мактабда эса қизчани кўз очиришмас экан. Ўша куни Вава бу фожиали воқеадан даҳшатга тушиб оғзидан ғалати сўзлар чиқиб кетди, мен бўлсам кампирнинг илмоқли сўзларини қулоғимга қуйиб олдим: “Сираям ўзимга келолмаяпман, Наталья, — деди у тарбиячилардан бирига, — қандай даҳшат бу! Қандай ваҳшиёна ажал бу! Онаси ҳам, қизи ҳам ўз жонига қасд қилса-я!... Одамларни не кўйга солиш мумкин, ахир?! Танангга мундоқ ўйлаб кўрсанг, нима учун шу даражага боришди? Уруш уруш-да! Унинг ваҳшиёна қонун-қоидалари бор. Бир-бирлари билан уришишади, бир-бирларини ўлдиришади. Лекин одамларга токайгача ёмонлик соғиниш, таъна тошини отиш, маломат қилиш мумкин? Хўп, бўлар иш бўпти, шўрлик аёл бошига бало қилиб немисдан болалик бўлибди, туғибди, ўз бошига шўришу ғавғони сотиб олибди. Нега энди ундан ўч олиш керак экан! Қандай ваҳшийлик бу! Қизчанинг гуноҳи нима экан?! Ахир ҳеч ким ота-онасини танлолмайди-ку, ота-онанг ким бўлиши Худодан. Нега энди шўрликларнинг кўзини очиришмайди? Бордию она ўз жигарпорасини эшик олдига ташлаб кетганда, муштдай фарзанднинг чивиндай жони омон қолсин, эл қатори униб-ўссин деб ўзи очиқ мозорга киргандек, ном-нишонсиз йўқолганда, тирик мурда бўлиб юрганда анавиларнинг қичиғи қонармиди?”
Ўша пайтлардан бошлаб вақт-соати етиб жўжа тухум пўчоғини тешиб чиққани каби, миямда бир фикр ниш урди: менинг онам ҳам, худди ўшанақа бўлиб чиқса-чи, онам норасидани эшик ёнига ташлабоқ дорилбақога рихлат қилган бўлса-чи?..
Бундай ҳодиса нечук ва қандай ҳолатларда юз берган бўлишини тасаввур этишга уриниб кўрдим. Хаёл оти олиб қочди, калламга нималар келмади дейсиз. Ҳечвақо йўқ, кимсасизлик, маънавий ёлғизлик. Денгизда кемадан қолиб кетган киши худди шундай аҳволга тушса керак... Овозинг борича қичқирсанг ҳам кема кўздан ғойиб бўлади. Теварак-атрофда тирик жон кўринмайди, қаёққа қарасанг фақат денгизни кўрасан. Қирғоқдан ном-нишон йўқ... Кимдир уни денгизга ташлаб юборгандир? У ким эди?
ҳаммасини билиш, ўзимча бу саволга жавоб топиш истаги тинчлик бермас эди менга. Лекин нега менда шундай истак пайдо бўлди, бундан мурод не эди – бу саволларга жавоб топа олмас эдим. Бундан қандай наф кўрар эдим? ҳеч қанақа! Борди-ю менинг отам немис солдати бўлса, унинг тақдири не кечди экан – шу каби саволлар тинчимни бузарди менинг. Бирдан миямда куракда турмайдиган ғалати фикр пайдо бўлди – нега энди у менинг падарим бўлиши керак экан, буни ким ундан илтимос қилди, бутун Европани қадамлаб келиб, мени дунёга келтиришни ва сувга чўккан тошдай ном-нишонсиз ғойиб бўлишини ундан ким ўтинди? ҳа, насл-насабингни билишни истайсан, лекин бунинг уддасидан чиқа олмайсан, тинимсиз ўйлайверасан. Онамнинг қаерда эканини билгим келади. Ҳа, яна шуни билгим келадики, ўша немис солдати, менинг отамга нима бўлди – у тирик қолганми ёки ўлиб кетганми, бордию тирик, соғ-саломат бўлиб, Германиянинг қайсидир бурчагида истиқомат қилаётган бўлса, дунёда қирқ иккинчи йилда болалар уйининг эшиги олдига ташлаб кетилган ўғли борлиги тушига ҳам кирмаётгандир... Мен унинг ўша ўғлиман. Унинг эса мен билан сариқ чақалик иши йўқ. Мўъжиза юз берса-ю, хабар топиб келиб қолса-чи? “Мана, мен келдим, менинг ўғлим қани?” — деса-чи? Шундан сўнг нима бўлади? Бундай хаёлпарастликнинг нима кераги бор? Борди-ю, ҳаммаси ҳақиқатдан ҳам мен ўйлагандай бўлса, тупукдай эсдан чиққан бу тарих билан немиснинг ҳемирилик иши бор дейсизми? Нега энди у бизнинг ғамимизни ейиши керак?
Бундай бемаъни бошвоқсиз фикрлар ғужғон урар эди менда. Нима ҳақда ўйласанг, кишилар қисмати чорраҳасида албатта уруш турар эди. Урушда туғилган, ота-оналари ҳаётнинг тубсиз жаҳаннамида чириган болаларнинг фожиаси шундоқ кўз олдингизга келар эди. Совуқлик, бегоналик, ножинслик, жирканчлик уфурар эди бу жаҳаннамдан. Ва мендан фарқли ўлароқ “рисоладагидай туғилганлар” аҳлига нисбатан менинг қалбимда ички душманлик ҳисси пайдо бўларди, дунёда осойишта-хотиржам келганларга ўзимнинг шак-шубҳасиз устунлигимни исбот қилишни, жамият менинг беназир шахс эканлигимни кўриб қўйишини, менинг даҳо эканлигимни билиб олишини ва бунга тан беришга мажбур бўлишини, кучга куч билан, ёвузликка ёвузлик билан жавоб беришга доимо тайёр туришни хоҳлар эдим...
Ана шундай пуч хаёллар билан катта ҳаёт йўлига кирдим. Бу дунёда бир ўзим эканлигимни, сўққабошлигимни бир сония ҳам унутмас эдим. Менинг отам ҳам, онам ҳам, ака-укаларим ҳам, опа-сингилларим ҳам, амма-холаларим ҳам, жиянларим ҳам, амакиваччаю аммавачча, холаваччаларим ҳам, қўйингки, ҳеч кимим йўқ. Мен ойдан тушган кишига ўхшар эдим. Эҳтимол, шу нарса менга ёрдам бергандир... Ҳа, фанда мислсиз шуҳрат қозондим, бутун борлиғимни фанга бағишладим, бу эса менга ўзим танлаган соҳада – камтарлик қилмайман – доҳиёна кашфиётлар қилишимга имкон беради. Ҳа, чиндан ҳам шундай. Мен фанга хизмат қилдим, фан эса менга, менинг машҳур бўлишимга, менинг нафсониятимга, менинг жамиятдаги ўрнимга, менинг мослашувчанлигимга хизмат қилди...
Буларнинг ҳаммаси охир-оқибатда менинг тақдиримни белгиладики, мени космосга, орбитал станцияга олиб кетди, мен бу ерда ўзимни ўзбошимчалик билан самовий роҳиб деб эълон қилдим. Бу эса шуҳратим юлдузининг сўна бошлашидан нишона эди. Энди менга ерда жой йўқ эканлигига ақлим етди.
Мен самода шу нарсани тушуниб етдимки, тақдир кўрган-кечирганларимни, космосга келиб қолганимнинг сабабларини қоғозга бемалол туширишдек ноёб имкон берибди. Мен ўзимга ўзим шундай дедим: сен барча кўрган-кечирганларингни дадил тан олишинг, ўзингга ва бошқаларга иқрор бўлишинг шарт. Тавба-тазаррунинг моҳияти шунда – ўзингга ҳечам раҳм-шафқат қилмайсан. Ҳамма-ҳаммасини бошидан охиргача айтиб берасан.
Аслини олганда, кейинчалик кўп шов-шувга сабаб бўлган бу тарих, айтиш мумкинки, арзимас нарсадан – тиббиёт институтидаги семинардан бошланган. Оқибатда мен ҳомиладорлик мўъжизасини ва одамнинг дунёга келиш сирларини ўрганишга мубтало бўлиб қолдим. Эҳтимол, ташландиқлик сабаб аламзада бўлиб қолганим учун қалтис бўлган бу мавзуни одатда ҳеч қачон, ҳеч ким билан муҳокама қилмаганман, боз устига яқин-атрофдаги кишилардан ҳам ташландиқ деган гап-сўзларни ҳеч қачон эшитган эмасман.
Ўйлашимча, бирга ишлашиб турганлар учун мен энг аввало талабчан илмий раҳбар, қаттиққўл бошлиқ, барча тан олган ва каттаконларнинг доимий эътиборида бўлган обрўли киши эдим. Иқрор бўлишим керакки, менинг назаримда, инсоният учун лаънати жумбоқ бўлмиш интилиш – шуҳратпарастлик ва амрифармонлик балосидан мен ҳам холи эмас эдим. Мен ҳамма вақт мавқеимни мустаҳкамлашга, ўз обрў-эътиборимни оширишга ҳаракат қилдим. Орқаваротдан мен ҳақимда “Бизнинг гендик” деб пичирлашганлари “Бизнинг генерал директоримиз” деган маънони эмас, балки “Бизнинг гениал диктаторимиз” деган маънони англатар эди. Бундан заррачаям хижолат тортмас эдим. Буни тушунтириб бериш қийин. Лекин ҳокимиятга, ҳукмронликка бўлган зўр чанқоқлик чиндан ҳам инсониятнинг ақл бовар қилмайдиган жумбоқларидан биридир. Ва мен буюришга, фармон беришга орзуманд эдим, ҳаммани тартиб-интизомга чақирар, ўзимнинг ёпиқ лабораториям ходимларидан, директор бўлганимдан кейин эса институт ходимларидан, ҳам сўзсиз итоаткорликни талаб қилар эдим, истеъдод ва тартиб-интизом – кадрларни танлашда менинг андозаларим ана шу эди.
Ана шулар туфайли мен экспериментатор сифатида биологияда янги, кутилмаган йўналишнинг дадил ташаббускори сифатида фақат фанда ҳамманинг диққатини ўзига қаратган таниқли намояндагина эмас, шу билан бирга, ташкилотчилик, раҳбарлик бобида ҳам обрў-эътиборга сазовар эдим. Ҳа, менинг омадим чопди, бу соҳада манфаатдор ташкилотларнинг ёрдами ҳам чакки бўлмади, лекин бу ҳақда алоҳида гапирармиз, мен бўлсам, муваффақиятлардан илҳомланганимдан, шиддат билан куч тўплаган қовоқ арига ўхшаб, фан пай-кали устида парвоз қилар эдим: мен кашфиётдан кашфиётга учиб, олдинлари ҳеч кимга номаълум бўлган фикр-ғоялар шовқинидан гангиб юрар, ана шу соҳада абадийлик сир-асрорининг муаллифи – Оллоҳ таолонинг ўзини ҳам орқада қолдиришга тайёр эдим. Мен илмий экспериментлар доирасида бўлса-да, ота-оналар хоҳлашадими-йўқми, кимнинг ёруғ дунёга келишини, қандай туғилиши, қандай ота-оналардан туғилишини шахсан ўзим ҳал қилар эдим, уларнинг уруғларидан нима ярата олишимни билишса эди...
Мен энди ўзимга ўзим дейман: бунинг ажабланарли жойи йўқ, ўзингни “менга етадиган киши йўқ” деб ҳисоблашингнинг сабаби ҳам шунда! Нимасини ҳам айтсам – мен инсон ҳомиладорлиги ва туғилишини идора қила олганимдан чинакамига эсанкираб қолган эдим.
Чорва молларини сунъий қочиришга ўхшаш, сунъий уруғлантириш йўли билан ота-оналари номаълум одамларни яратиш фикри биринчи бор пайдо бўлди. Зоотехника соҳасида-ку, бу масала ҳаммавақт долзарб муаммо. Инсон ўзининг хўжалик манфаатларига қараб чорва молларининг зотларини ўзгартириб келган.
Экспериментал биология бу ҳолатдан қанчалар узоқлашиб кетди. Энди у шунчаки илмий-тадқиқот мақсадларидагина эмас, балки одамнинг туғилишини идора қилиш, тўғрироғи, бу борада циркдаги найрангбоз каби, хоҳлаганча ҳунар кўрсатиш йўли билан одамни сунъий яратиш муаммолари ила шуғулланмоқда!..
Ҳа, фаннинг қоронғи кавагида (фанга ўз моҳиятидан бошқа ҳамма нарса бир пул) карахт ҳолда отилиб кетганимни англаб етишга энди ҳаракат қилаётирман, бироқ ўша пайтларда инсон зоти учун хавфли бўлган, ахлоқ доирасидан четга чиқадиган машғулотларга ўйламай-нетмай бошим билан шўнғиб кетганим ҳақида фикр юритмас, буни хаёлимга ҳам келтирмас эдим. Мен учун, ёш олим учун бирдан-бир ўлчов — илмий пешқадамлик эди. Ва фан тантанаси йўлида мен шундай соҳага кириб бордимки, у барча динларда тақиқланган, олдин бирон киши ҳам бу жабҳа сари қадам қўйишга журъат эта олмаган эди, мен бўлсам илоҳий эшикни сурбетларча тепар эдим, ҳолбуки, бу эшик остонасида Худога тиз чўкиш керак эди.
Мана, сен қаерларга бориб қолдинг. Кунлардан бир кун сени институт парткомига чақиришди ва катта ҳурмат, хайрихоҳлик, ҳатто хушомадгўйлик билан кечирим сўраб билдириб қўйишдики, сенинг илмий ишларинг бундан буён мутлақо махфий ҳисобланади, “Сенинг қимматли тадқиқотларинг ҳақида очиқ матбуотда, айниқса чет элларда ҳеч нарса бо-силмаслиги керак, ўшанда ҳам сен бу гапларга аҳамият бер-мадинг. Ҳолбуки, ўшанда сенинг қўлтиғингга биринчи бор қўл солиб кўришган эди. Кейинги буюртмачилар сендан ўз-лари учун тайёр малай ясаб олдилар. Сен учун эса бошқа нарса – «иш қилиш, фанни олдинга силжиши» муҳим эди.
Тан олиш керакки, сен биология жаҳаннамида Мефистофель эдинг. Босиқ ақл, ўткир мушоҳада – сен олимнинг ҳаммадан кўра ҳам ана шу сифатларини юқори қўяр эдинг. Сен ўз ролинг учун важ қидирмадинг, ана шу лаънати йўлда шу қадар катта куч-қувват сарфлашга сени нима мажбур этганини тушуниб етишга ҳаракат ҳам қилмадинг. Ташландиқ боланинг энг аввало, асрнинг ҳеч ким олдига туша олмайдиган даҳоси бўлиш истагида эканини ким билибди дейсиз? Сен илмий муаммоларга бутун борлиғинг билан шўнғиб кетиб, ўзинг сезмаган ҳолда яхшилик ва ёмонликнинг, эзгулик ва ёвузликнинг нариги қирғоғига ўтиб қолдинг, одамларни қийнаб келган масала – ўзлари яратган ва ўзлари чўқинадиган амри ахлоқларини бутунлай менсимай қўйдинг. Ҳаётнинг мазмун-мундарижасини англаб олиш учун асрлар бўйи сарсон-саргардон юрган одамларни назар-писанд қилмадинг, сенинг бундан бошқа иштиёқларинг ҳам ошиб-тошиб ётар эди. Буюк файласуф, сенинг ватандошинг, замондошинг Лосевнинг гапларини пайт топиб ўзингдан нарироққа суриб қўйдинг, ҳолбуки олим инсоният тарихида фаннинг роли ҳақида мулоҳаза юритар экан, гўё атайлаб сенинг учун долзарб фикр билдирган. Дарвоқе, Лосев жамият ва маданиятнинг чексиз тараққий этиши тўғрисида янги европача таълимотнинг нигилизми борасида сўз юритар экан, бундай деган эди: европача парадигмага кўра, ҳар қандай давр ўз олдига умуман мазмунсиз бўлган ҳолда, бошқа давр учун тайёргарлик ва ўғит, бундан кейинги ҳар қандай давр ҳам ўз ҳолича мазмун-мундарижасиз бўлгани ҳолда бошқа бир давр учун, шу билан бирга келажакда рўй бериши мумкин бўлган барча даврлар учун озиқ ва заминдир, холос; мақсад эса ҳар доим ва муқаррар суратда чексиз замонлар сари тобора узоқлашаверади; шундай қилиб, янги-янги жаннатлар ваъда қилганларнинг ҳақ эканлигини ҳамиша тасдиқлайди. Сен бўлсанг Лосевнинг ана шу теран фикрини ўзингга эркинлик яратмоқ, жавобгарликни авлодлар зиммасига юкламоқ учун ўз интилишингга мослаб шарҳладинг. Сен ўзингни менинг вазифам «фанни ривожлантириш», кашфиётлар қилишдан иборат, бу кашфиётларнинг натижалари нима бўлади – буни бошқалар ҳал қилсин деб ишонтирдинг. Сенинг ишинг – инкубатор бачадонда ҳомила етиштириш эди; сунъий етиштирилган одамларнинг тақдири нима бўлади, бунинг сенга дахли йўқ эди.
Ҳозирги кудалик ҳаётда «Бу бизнинг муаммоларимиз эмас» деган сурбетларча ибора тарқалган. Сен бўлсанг олдинлари ҳам худди шу йўсинда иш кўрар эдинг, сунъий ҳомилаларнинг тақдири ҳақида гап кетганда ўз рақибларингга: бу масала уларнинг ўзларини ташвишга солсин, уларни ўз муаммоларини ўзлари ҳал қилишларига қўйиб бериш керак, деб жавоб берар эдинг. Шу йўл билан туғилганлар, ижтимоий мавқе нуқтаи назаридан бошқалар билан тенг шароитда бўлган иксзурриётлар ўзгалар каби ўзлари ҳақида ўзлари ўйлашлари лозим эди. Сен буларнинг фан учун ҳеч қандай дахли йўқ деб ҳисоблар эдинг. Сунъий бола туғдириш технологиясидан ташқарида бўлган бирон нарса сени ташвишлантирмас эди.
Ҳа, сен шунақа одам эдинг. Эҳтимол, чиндан ҳам ўз илмий соҳангда дунё аҳамиятига эга кашфиётлар қила биладиган, фаннинг келажак тараққиётини олдиндан айтиб бера оладиган даҳо бўлгандирсан. Лекин сенинг барча қилмишларингни ўша ташландиқ бола бошқариб турар эди. Сен бўлсанг буни тан олмадинг, қачонлардир эшик олдига ташлаб кетилган худди ўша ташландиқ бола мўъжизалар кўрсата олишини, олдиндан режалаштирилган одамларни туғдиришга амр бера билишини бутун дунёга исбот этиш учун ҳар доим уринар эди. Сен бу тақдирларни ўз лабораториянгда ҳал қилдинг, сен ҳеч ким журъат эта олмаган, ҳеч ким қила билмаган ишларни қилдинг – сен ўз хоҳишинг ва чизма режангга қараб, сунъий лойиҳалаштирилган одамларни дунёга келтирдинг, сен васвасага тушган эдинг, сен одамлар устидан ботиний ҳокимлигингдан маст эдинг.
* * *

Ва ҳар эҳтимолга қарши сен ўз қилмишларингни XX аср охирзамонини олдиндан сезганинг билан оқламоқчи бўлдинг, ҳолбуки буни геополитик миқёсда бутун дунё англаб ташвишга тушган. Ахир термоядровий кашфиётларининг мудҳиш, тубсиз жаҳаннами ёқасида ҳеч ким фан отининг жиловини тортмаган, шу соҳада иш олиб бораётган олимлардан биронтаси оламнинг умуман ҳаётни хавф остида қолдирадиган сирли негизларига бурун суқмаслик учун чўрт орқага қайтмаган, бунга ўзини мажбур ҳам қилмаган эди. Фан кашфиётларнинг доҳиёналиги ила юмушларнинг жинояткорлиги орасида бепарволик билан иш кўриб, уларни бараварлаштирмоқчи бўлди, стратегик мулоҳазаларга кўра махфий тутилган, лекин вақт ўтиши билан атом бомбаларининг оталари деб эълон қилинган, умри охир бўлган сари тобора кўпроқ виждон азобини тортган ва cояда қолмасмикинман деб ўйлаган олимларни фан бутун дунёга маълум ва машҳур қилди ва уларнинг фани олға бораверди. Ахир фан арбоблари учун ҳеч қаёққа қарамасдан ва ҳеч нарсани назар-писанд қилмасдан атомнинг ички дунёсига кириб боришдан, одам боласининг ғариб жисми-жонига нисбатан баҳайбат ана шу дев кучини тезроқ қўлга киритишдан муҳим вазифа йўқ эди, ахир, бу куч одамларга бутун коинотда чексиз қудрат эгаси бўлишга даъво қилишга имкон берар эди-да! Ана шу илмий ғояларнинг ғирт мутаассиблигидан келиб чиқадиган ҳалокатли хавф ҳақида, ядрочилар кашфиётларининг муқаррар оқибатлари тўғрисида шуни айтиш керакки, бу ташвишлар авлодлар чекига тушар эди. Оталарнинг васвасага тушиб қилган кашфиётларининг машаққатларини шу авлодлар тортиши керак эди, қандай иш кўриш лозимлиги ҳақида, тирикчилик қилиш учун қайси йўл билан моддаларни янада бошқа ҳолатларга айлантириш устида бош қотириш ҳам авлодлар зиммасига қолдирилган эди. Ҳозирча ҳаммасининг иложи топилаётган эди. Сен ҳам шунга умид боғлар эдинг...
Ҳа, сен ҳам табиат инсон олдида масъул бўлмаган каби, олим ҳам ўз тадқиқотларининг самаралари учун жавобгар эмас, деб астойдил ишонардинг. Ўз бурчингнинг халоскорлигига бўлган ишончингга ҳеч нима путур етказмас, сен ҳеч нарсадан хижолат чекмас эдинг.
Ҳа, сен нигоҳдан яширинган кўзгу орти илмий дунёсида чиқиб келаётган юлдуз эдинг. Ва ҳатто хотининг Евгения бирдан вабодан қочгандай сени ташлаб кетиб, вилоят театрлари бўйлаб кезар экан, азоб-уқубатдан боши чиқмаган кампирлар ролига рози бўлиб юрганда ҳам, барча воқеадан хабар топиб, кўп нарсаларни сен билан биргаликда бошидан кечиргандан сўнг бирдан қариб қолганда, ҳатто сендан қочиб кетганда ҳам ўзингни йўқотмадинг, изтиробга тушмадинг, аланглаб қараб қолмадинг, унинг кетидан қувиб кетмадинг, энг муҳими, унинг кўзига ўта даҳшатли бўлиб кўринган нарсаларни танқидий нуқтаи назардан хаёлдан ўтказишга ҳам ҳаракат қилмадинг. Евгения тадқиқотларингнинг маъносини чақишга бирон марта ҳам уринмади. Экспериментларингнинг моҳиятини бирон марта ҳам тасаввур қила билмади. Хотининг илмий мақсадлардан узоқ эди, ўзга муҳитда яшар эди, лекин у сенга қадрдон эди ва сен у билан кўп йиллар бир ёстиққа бош қўйган эдинг, у сен фақат иш билан овора бўлганингда ҳам, ҳатто ўзинг уни тез-тез аборт қилиб турганингда ҳам (кейинчалик бу ҳақида ўзинг аччиқ алам аралаш афсусландинг, ахир бу билан сен ўз оилавий ҳаётингнинг илдизига болта урган, рисоладаги аёлнинг қатъий нафратига учраган эдинг-да) — Ҳамма-ҳаммасига чидади, лекин сени ҳеч нарса тўхтата олмас эди. Сен фанга фидоийлик билан кириб кетиб бошқаларнинг, энг аввало севикли хотинингнинг ҳис-туйғулари, фикр-мулоҳазалари билан ҳисоблашмасдан тўғри иш қилаётирсанми-йўқми – бу саволга жавоб беришга ҳаракат ҳам қилмадинг, бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрмадинг. Евгения сенинг нима ишлар қилиб юрганларингдан, йиллар ўтиб, нималарга эришганингдан ва бундан қандай мақсадларни кўзлаётганингдан хабар топгач, сенинг олдингда тиз чўкиб йиғлади, ҳаммасини ташлаб, Москвадан узоқ-узоқларга, айтайлик илмий марказларида ишлар тўлиб ётган, профессорлар юксак қадрланадиган ва Москвадагидан кам маош олмайдиган Узоқ Шарққа кетишни илтимос қилди; хотининг ўша томонларда театрлардан иш топишини айтиб, янгидан турмуш бошлашни, ниҳоят, болалик бўлишни ўтиниб сўради, лекин сен рафиқангнинг таваллоларини инобатга олмадинг, аёлингнинг, ўзинг айтгандай экспериментларингдан соддаларча қўрқиши, инжиқликлари сенга чивин чаққанча ҳам таъсир этмади, сен ўзингга ишониб топширилган юмушлардан воз кечишни хоҳламадинг. Бунинг учун кейинчалик қанчалар афсусланмадинг, қанчалар ўкинмадинг, лекин энди кеч эди... Ҳаёт эча бир ўзандан ўтиб, бошқа ўзанларда давом этаверади...
Сенга шуҳратпарастлигинг тинчлик бермас эди. Евгения кетди-қолди, шунга ҳам куйиб-пишаманми деб ўйладинг – нима, шунга ҳам ота гўри қозихонами, ўзингга бошқасини топиб оласан, ишлардан сал қутилгач, разм соласан – атрофда қанча хотинлар бор ва албатта ўзингга, дидингга ёққанини, энг муҳими, покдомон, сен қилаётган ишнинг ахлоққа тўғри келиш-келмаслигига ортиқ даражада шубҳа билан қарамайдиганини танлаб оласан. Ва бу аёлни имтиёзли кишилар учун ажратилган «феодаллар» хиёбонида, атомчиларнинг худди шундай данғиллама ҳовлилари биқинидаги ўзингнинг академикларга мўлжалланган тоқ-равоқингга олиб келасан. Лекин бу режаларинг бемалол рўёбга чиқадиган бўлишига қарамасдан, ўшондоғича қолиб кетди. Янги воқеалар юз кўрсатиши билан уйланишдан бошқа ташвишларинг ҳам етиб ортар эди, сенинг кейинги бутун ҳаётинг, космосга, орбитал станцияга жўнаб қолишга ва ўзингни самовий роҳиб деб эълон қилишга мажбур этган барча шарт-шароит мана шу воқеалар оқибати бўлди.
У пайтларда сен академиклар орасида анчагина машҳур шахс эдинг, фанга оталик қилувчи органларнинг алоҳида диққат-эътиборида турардинг. Адолат юзасидан айтганда, КПСС МК бу маънода мақтовга сазовор эди. Бунга ўз тажрибангда бир неча марта гувоҳ бўлгансан.
Ҳар қандай маблағ ва имтиёзларнинг сенинг институтингга, энг аввало, ўзингнинг машҳур лабораториянгга деярли югур-югурсиз, таниш-билишларсиз осонгина бериб турилиши МК ҳомийлиги туфайли эди. О, ҳокимларнинг марҳаматига, саройдагиларнинг меҳрибонлигига-ю, тўраларча ҳозиржавоблигига одам боласи нақадар тез кўникади. Энди эса ҳамма вақт шундай бўлиб келганми, ҳар доим шундай бўлиб қолаверадими, деб ўз-ўзингга савол берасан. Мисол келтириш учун узоққа бориш шарт эмас. Фанлар академиясининг президенти, етакчи атомчи олим шахсий суҳбатлардами, телефон орқалими, «Андрей Андреевич, худо ҳаққи, ҳеч нарсадан ўзингизни қисманг. Дадил бўлинг, мамлакат сизнинг программангизни жамики зарур нарсалар билан таъминлашга тайёр. Чет эллардан келтирилган асбоб-ускуналар бўладими, транспортми, қўйинг-чи, нимаики зарур бўлса, айтаверинг, тортинманг. Сиз ўта муҳим иш қиляпсиз», деб қайта-қайта тайинлар эди.
Дунёнинг яримини эгаллаган бутун мамлакат номидан айтилган ана шундай мақтовлардан, олий ҳимматдан ғалати бўлиб кетар эдинг, ўлжа илинжида айланиб уча бошлаган йиртқич қушлар янглиғ партия ходимларининг соф илмий тажрибалар билан тобора кўпроқ қизиқа бошлагани сенинг ғашингга тегар эди, лекин сен оғзингга талқон олиб ғинг демай тураверар эдинг, сен миннатдорчилик оғушида хушомадгўйлик ҳам қилмадинг, шу билан бирга олий раҳбариятнинг эътиборини оҳанграбодай ўзига тортган шов-шувга сабаб бўладиган қандайдир лойиҳанинг бўйин товламас ижрочиси деб қарашларига қаршилик ҳам кўрсатмадинг, мен бунақалардан эмасман деб ҳам қўймадинг. Ҳа, ўзингни вақтида тўхтатишинг, кейинчалик маълум бўлдики, ўзингнинг чиндан ҳам мулоҳазали эканлигингга амин бўлиш учун баҳона қолдирмаслигинг керак эди. Лекин сен ожизмидинг, бетайинмидинг, амалпарастмидинг, сенда ҳокимият эгаларига хира пашшадай ёпишиб олиш хусусияти бормиди? Эҳтимол, худди шунинг учун бўлса керак, ният-мақсади ўта дудмал илмий программани бошқаришни сенга таклиф қилишди. У «Жинсларни эмбрионал негизда бошқариш» деб аталади, бироқ бундан мақсад: номаълум (аноним) ота-оналардан янги зурриётлар яратиш методини ишлаб чиқиш эди.
Бунақаси дунёда бўлган эмас. Сен дафъатан пайдо бўлган қароқчига ўхшаб бу ишга ўралашиб қолдинг. «Иксзурриёт» истилоҳи сенинг ихтиронг эмас, уни қисқартмалар деса ўзини томдан ташлайдиганлар – фан мутасаддилари ўйлаб топганлар, бу ибора тезда қарийб ўзига хос инқилобий сирсўз (пароль) бўлиб қолди, чунки лаборатория шароитида иксзурриётлар яратишдан мақсад янги типдаги одамларни, мафкуранинг бўлажак фидокорларини етиштириш эди. Иксзурриётлар XXI асрнинг фидойи инқилобчилари бўлиб қолишлари керак эди. Худди ана шу нарса назарда тутилар эди. Партия раҳбарлари ўлим тўшагида ётган жаҳон коммунистик мафкурасини тирилтириш ва қайта тиклашнинг янги усули ана шунда, деб тушунишар эди. Сен иқрор бўлишинг керак – орадан кўп ўтмасдан «иксзурриёт» деган янги сўзга қулоғинг ўрганиб ҳам қолди, сен қилаётган ишга юрагинг, қалбинг одатланиб қолди – сен ўзингни ўзинг шу нарсага ишонтира олдингки, сенинг экспериментларинг бор-йўғи фандир, тажрибалардан нималар келиб чиқиши эса сенинг ишинг эмас.
Тўхта! Ошиқма! Бу ерда ҳамма нарсани ипидан игнасигача гаплашиб олишга тўғри келади. Ҳа, «иксзурриёт» атамасини юқоридан таклиф этишгани тушунарли, бунда инсониятнинг янги зотини яратишнинг узоқ муддатли программаси кўзда тутилган эди. Лекин ишнинг энг бошида стратегик мақсадлар тилга олинганда, сен эътироз билдирмадинг, ундан воз кечмадинг, ўзингни четга олишга ҳаракат ҳам қилмадинг. Ва сени янги Дарвин деб кўкка кўтарганларида ҳам, цивилизация тарихидаги бу мислсиз программа сенинг назарий ва амалий ишларингдан, бу борадаги башоратларингдан келиб чиқди, деганларида хижолат ҳам тортмадинг. Сени илмий раҳбарликка таклиф қилганларида гўё шундай бўлиши табиийдай, ўша заҳоти розилик билдирмаган бўлсанг ҳам, ўйлаб кўраман, дединг, лекин бутунлай воз кечмадинг. Ҳа, воз кечиш керакми, шундай қилиш мумкинмиди? Ёлғиз отнинг чанги чиқмас. Ўша пайтга келиб, расмий доиралар даъватига шундай учган эдингки, хўжайинларнинг биронта илтимосига йўқ демасдинг.

* * *
Бу гап тўғри бўлиб чиқди. Фанлар Академияси президентининг таклифига жавобан «ўйлаб кўраман» деган кунингоқ сен Эски майдонга, Сиёсий бюро аъзоси, КПСС МКнинг мафкуравий масалалар ва халқаро коммунистик ҳаракат бўйича секретари Конюханов Вадим Петрович ҳузурига таклиф қилиндинг.
Эски майдонга сен деярли ўз уйингга келгандай етиб келдинг, тез-тез бўлмаса ҳам турли масалалар юзасидан йилига бир неча марта бу ерга келиб кетар эдинг-да. Бу сафар ҳам ўзингнинг деректорлик қора «Волга»нгда келдинг, Москва кўчаларида изғиб юрган машиналарга, чумолидай қайнаб ётган йўловчилар оқимига аланг-жаланг қараб қўяр эдинг. Сенинг қаёққа ва қандай мақсад билан кетаётганингни билганида борми, оломон кўчани тўсиб олиб машинангнинг дабдаласини чиқариб ташлаган, ўзингни эса тошбўрон қилган бўлар эди. Буни ваҳшийлик деёлмасдинг, уларнинг бу шафқатсизликларини Парвардигор афв этган бўлур эди.
Ҳар доимгидай, тушдан кейин Москва, айниқса, шаҳар маркази одам денгизига айланган эди. Одамлар бу ҳақда фикр қилиб кўришдими-йўқми, лекин худди шу соатда улар учун турмушнинг жамики муаммолари бирон нарсани қидириб топиш ҳақида бош қотиришдан ва қўлга киритиш, сотиб олиш, шу ниятда итдай изғиб юришдан иборат эди деса бўлади. Лекин улардан биронтаси ҳам сал нарироқда кимнингдир Табиатга, Тарихга, Худога, одамларга – Ҳамма-ҳаммасига қарши қандайдир иш қилиш ниятида экани, шундан сўнг дунёнинг қайтадан яратилгандай ўзгариб кетиши ҳақида бир лаҳза бўлса ҳам ўйлаб кўрмас эди.
Дарвоқе, ана шу режани амалга ошириш имкониятига эга бўлган киши уларнинг ёнгинасида кўзни куйдириб салобатли автомобилида сузиб кетаётган эди ва табиийки, худди шу онда бу кишининг оила, насл-насаб, авлодларнинг ворисийлиги тушунчалари ўтмишнинг сарқитлари бўлиб қоладиган замон келиши учун ишлаётганини, оқибатда ҳар ким ибтидо ва интиҳо бўлиб қолиши мумкин эканлигини, кишилар кимлардан пайдо бўлгани ва кимларни дунёга келтиргани ҳақида зиғирчаям тасаввурга эга бўлмай қолишини улардан биронтаси хаёлигаям келтирмас эди... Бу вазифаларни оила ўрнига Ота-Давлат бажариши керак эди.
Аммо бу сенинг шахсий жаҳоншумул программанг эмас эди, албатта. Мафкуравий ғоя лоп этиб сенинг миянгга келгани йўқ, бу бошқаларнинг фикри, шундай бўла қолсин, лекин бунга шахсан сен ва сенинг илминг хизмат қилди, тажрибаларинг тоталитар давлатнинг қора кучларига улардан ўз мақсадларида фойдаланиш йўлини шипшитиб қўйди. Б ҳақда сен энди, бўлари бўлгандан кейин гапиряпсан. Бироқ сен ўша кезларда ҳам кашфиётингдан қандай амалий хулосалар чиқариш мумкинлигига фаҳминг етар эди, аммо сен бу нарсанинг бевосита менга алоқаси йўқ деб ҳисобладинг ва бу ҳақда ўйламасликка интилардинг. Шундай бўлиб чиқдики, улкан режа, кирдикор мўлжалланган, бу ҳеч ҳам хомхаёлик эмас экан, сен шуғулланаётган кори-амал энди хўжайинларнинг эркатойи бўлмиш тадқиқотчининг илмий машқларигина эмас эди. МКга келганингдан кейин бунга амин бўлдинг.
Бу сафар эшик олдида сени Конюхановнинг котиби кутиб олди ва махсус лифтда барча назорат постларининг ёнидан ўтиб, еттинчи қаватига олиб чиқди. Конюханов сени кутиб турган эди. У эшикни ўзи очиб, сени кабинетига таклиф қилди.
— Андрей Андреевич, сизни кўрганимдан хурсандман! – У кўзойнагини ялтиратиб саломлашди сен билан. Унинг илтифотида сохталик сезилмасди. – Биз сиз билан тез-тез кўришиб ҳам туролмаймиз. Келинг, бироз гаплашайлик, юрагимизни бўшатайлик. Сизни кутиб ўтирибман, бунинг учун ҳар кунги юмушларни бир чеккага суриб қўйдим, қуриб кетсин бу ишлар! ҳа, сиз ҳақсиз, ҳар ҳолда тез-тез мулоқот қилиб турган маъқул, Андрей Андреевич. Лекин ҳаммасига вақт керак, вақт, вақт! Марҳамат. — Ва котибани огоҳлантирди: — Ҳеч ким безовта қилмасин. Мен йўқман.
Бу писанда учрашув фавқулодда аҳамиятга эга эканлигини билдирар эди. Оқибатда худди шундай бўлиб ҳам чиқди.
Конюханов ўзини тута билар, суҳбатдошини ўзига ром қила олар эди. Одобли эди, андиша билан қулоқ солар, ўйлаб гапирар эди. Таомили билан кийинган эди: сипо костюм, шу рангдаги галстук, сифатли пойабзал. Овқатни кўп емаса, суюқни кўп ичмаса, қадди-қоматига аҳамият берса керак. Фавқулодда ялтироқ кўзойнаги унинг турмуш лаззатларидан воз кечган кишиларникига ўхшаш чўзинчоқ юзига ярашиб тушган эди. «Таканинг соқолини ёпиштириб қўйса, Дзержинскийнинг ўзи бўлади-қолади», деб ўйлагансан сен ўшанда нима учундир.
МКнинг бу котиби ҳақида фикр ёмон эмас эди, аксинча, кўплар уни кенг фикрлайдиган одам деб ҳисобларди. Сиёсий бюро аъзолари орасида у энг ёшларидан бири эди. У элликка яқинлашиб қолган ва энг ишчан котиб деб тан олинар эди. Дипломатия соҳасида мартабага эришди, бизлар учун сиёсий жиҳатдан айрича аҳамиятли бўлган мамлакатларда бағоят пухталик билан, аниқ мақсадни кўзлаб иш кўрарди. Шимолий Кореяда, Вьетнамда, Кубада ва Хитойда маслаҳатчи, сўнгра элчи бўлди, унинг хизматлари юксак баҳоланди ва ўша ердан, ўша қайноқ чизиқдан масъул ишга кўтаришди, шуни айтиш керакки, умумий фикрга қараганда, жуда муносиб ва одилона иш бўлган. Кейинроқ эса, халқаро Олимпга – БМТга Доимий вакил бўлиб жўнаб кетишдан сал олдин – Конюханов бирдан партия органларига, уларнинг олий поғоналарига ишга олинди ва шундан буён халқаро коммунистик ҳаракатлар соҳасида барча мафкуравий ва ташқи сиёсий ишларни бошқаради.
Сен Конюхановни билар эдинг ва мана, кези келиб уни бошқачароқ нуқтаи назардан кўряпсан.
Умумий гаплардан кейин, муддаога кўчишдан олдин у қистириб қўйди – Андрей Андреевич, гапни узоқроқдан бошлайман. Мени тўғри тушунсангиз керак, демоқчиманки, инсониятнинг тарихи бир лаҳзада, айтайлик, кимнингдир миясига қандайдир фикр яшин янглиғ келиб қолганда воқе бўлади. Маълумки, ҳаётда ҳамма нарса муайян вақтгача тадрижий ривожланади. Лекин баъзан бирдан, айтиш мумкинки, инқилобий вазият пайдо бўлади, коллизия рўй берадики, қандайдир ғоя чиндан ҳам ҳамма нарсани бирваракайига ағдар-тўнтар қила олади. Ва ҳозир худди ана шундай пайтдир. Фақат, худо ҳаққи, бу ғоянинг муаллифи каминаи камтарин деб ўйламанг. Мен бу ўринда бор-йўғи галага қўшилиб учадиган қушдай бошқаларга ҳамроҳман, холос.
— Унда мен қанақа қушман? — суҳбатдошнинг нима демоқчи эканлигини тушиниб олишга ҳаракат қилиб луқма ташладинг сен ўзингни тутолмай.
— Озгина сабр қилинг. Бу шунчаки, гапнинг хамиртуриши, муқаддимаси, бўлмаса, ишнинг моҳиятига яқинлашиш амримаҳол. Демак, муқаддимани давом эттираман. Мен назарда тутган нарса – инқилобий характердаги тарихий қадам. Унда Франция инқилобининг учқуни, бизнинг Октябрь инқилобимизнинг ёлқини мужассам, мен шундай деб биламан. Бу тафаккурнинг мутлақ эркинлиги, сийқаси чиққан замонлар Афлотун назарда тутган фикрнинг ўзгинасидир: ғоянинг моддага таъсири ва модданинг ўзгариб ижтимоий-сиёсий идеалга айланиши. Мен тушуниб турибман, Андрей Андреевич, сиз ҳозир бу гапларнинг нима кераги бор, бу қандай лекция ўзи, деб ҳанг-манг бўлиб қолдингиз. Лекин мени афв этинг, бу масала сизга, сизнинг фанингизга бевосита алоқадор! ҳа, ҳа! Ажабланманг, шундай!
Икковларинг гуруҳ-гуруҳ одамларни йиғиб ўтказиладиган кенгашлар учун мўлжалланган катта стол атрофида ўтирдинглар, котиба жимжимадор гулли нафис финжонларда чой келтирди. Сен бу ерга ўта муҳим юмуш юзасидан таклиф қилинганлигингни тушундинг, акс ҳолда узундан-узоқ дебоча кимга керак эди. Ва сен ўзингнинг ўта айрича илмий экспериментларингнинг амалий аҳамияти партия Марказий Комитетининг эътиборини нимаси билан тортганини фаҳмлаб олишга уриниб кўрдинг. Аста-секин манзара ойдинлаша борди, бу иш сени ўз миқёси билан ҳайратда қолдириб, сергакликка чақирар ва айни вақтда ўзининг шиддати билан ўзига ром этар эди.
— Мана сизга, Андрей Андреевич, очиғини айтганда, суҳбатимизнинг мундарижаси, — давом этди Конюханов. У чекиб бўлган папирос қолдиғини биллур кулдонга қўли билан хомуш эзиб ўтирар экан, бирдан бошини кўтарди. — Масалани керагидан ортиқ даражада чигаллаштиряпман шекилли, — кулиб қўйди у. — Шунақа муқаддималарга кўникиб қолганман. Сиз эса ўзимизники. Шунинг учун имкон қадар самимий ва қисқа гаплашаман. Мана шуниси қийинроқ. Фақатгина... Биринчиси, энг муҳими, партия сизга ишонади, Андрей Андреевич. Ишонади. Ва тарих сизнинг олдингизга қўйган вазифа – Ҳаммамизнинг умумий вазифамиз. Ҳа, тушунаман, фан билан партия – айрим-айрим нарсалар, бироқ ҳамма соҳада ва ҳамма жойда синфий ёндашиш муқаррардир. Биз марксчи-ленинчилар шунга асосланамиз ва бизнинг тарихий афзаллигимиз, шубҳасиз, ана шунда. Мана шу масалада сизнинг кашфиётларингиз, таъбир жоиз бўлса, қўлбола биологиянинг кашфиётлари – бу одам табиатига чуқур кириб бориш, аслида инсон шахсини қайта қуриш, шахснинг келиб чиқишини, жамиятдаги ўрни ва ролини қайта қуриш, кейинчалик эса сунъий туғиладиганлар матрицасига асосан бутун инсониятни қайта қуриш имконияти демакдир. Фақат бошлаб юбориш қийин, холос. Мана, ХХ аср араваси қаерларгача борди!
Мен сизга ақл ўргатмоқчи эмасман, лекин шу маънода мен Фан бўлимимизнинг фикрига тўла қўшиламан – дунё яратилгандан бери бунақаси бўлган эмас. Сизнинг сиймонгизда фан чиндан ҳам мисли кўрилмаган қудратга эга бўлди. Дарҳақиқат, сиз таҳсинга лойиқсиз. Идора қилиб бўлмайдиган ҳомиладорлик ва туғилиш ҳодисаси бошқариладиган жараён бўлиб қолаётир. Энди шундай фикр туғилди: буни оммавий тартибда жорий қилишга уриниб кўрилса, қандай бўларкин? Бу инқилоб, фақат номи йўқ, биологик тур сифатида одамни қайта ишлаб чиқаришдаги чинакам инқилоб. Шундай экан, бу жараён бошқариладиган ва назорат қилинадиган экан ва жамият ҳаётида янги омил экан, тарихнинг янги дастаги экан, демак, сиз ҳам тан олинг, бу энди сиёсатнинг иши. Ва бу аснода биз сиз билан, Андрей Андреевич, энди шериклар, партнёрлар сифатида учрашяпмиз. Биз шунга асосланамизки, партия четда қолмаслиги, қандайдир кузатувчи бўлиб турмаслиги керак, аксинча, вақтни қўлдан бой бермасдан, бу жараённинг бошида турмоғи, жамиятимиз, мафкурамиз мақсадлари ва вазифаларини кўзлаб уни тегишли йўналишга буриши лозим. Худо ҳаққи, мени кечиринг, Андрей Андреевич, мен тузалмайдиган сергапман. Лекин сиз гап нимада эканлигини тушунасиз. Сиз ҳамма нарсани олдиндан билиб турасиз, сиз — даҳо кишисиз. Ва мен бир нарсани қўшимча қилмоқчиман. Гап нима ҳақида кетмасин – космосдаги кашфиётлардан тортиб экспрементал биологиядаги кашфиётларгача – биз ўзимизнинг пировард мақсадимизни, жаҳоншумул ролимизни унутишимиз мумкин эмас. Мана сизга энг муҳими. Афсуски, ҳатто бизнинг МКда, аппарат доираларида ҳам маълум ревизионистик кайфиятлар бор. Мен сиздан ҳеч нарсани яширмайман, сиз ўзимизникисиз. Баъзи бир ўртоқлар алоҳида мамлакатда социализм шароитида тинчгина яшашни хоҳлайдилар. Улар бизнинг бутун дунё меҳнаткашлари ҳақида қайғуришимизни унутиб қўядилар. Капитализм билан мусобақада биз ғалаба қилишимиз лозим. Ва жаҳон инқилоби шиори ҳозир очиқ айтилмаётган бўлса ҳам сайёрада коммунизм ғалаба қилажак! Бу – бизнинг асл мақсадимиз ва уни ҳар қанақа йўл билан, жамики воситаларни ишга солиб яқинлаштирмоғимиз даркор. Инчунин фақат илм билан андармон бўлиб, экспериментал биология соҳасидаги сизнинг ноёб ютуқларингиз инсоният ҳаётида қандайдир жаҳоншумул воқеа бўлажагидан башорат қилаётганига шубҳа қилмасангиз керак. Ҳа, шундай! Мен буни жиддий айтаяпман. Сиртдан қараганда, буни тасаввур қилиш ҳам қийин – ахир ҳамма нарса бор-йўғи лабораторияда ундирилган эмбриондан, айтайлик, пробиркада дунёга келган уруғдан бошланади-да! ҳамма гап шундаки, бунинг оқибатида туғилган одам – уни иксзурриёт деб атайлик – номаълум шахс. Бу – ота-онаси номаълум, сунъий етиштирилган субъект, мен шундай тушунаман. Сизга кундай маълум бўлган нарсаларни нима учун мен тушунтириб беришга уриняпман? Гап шундаки, бу сиз учун қизиқарли лаборатория экспериментлари объекти бўлса, биз учун иксзурриёт – янги типдаги одам. Ва бизнинг тахминларимизга кўра, меҳнаткаш синфларни эски дунёдан халос қилиш учун, уни ағдар-тўнтар қиладиган ҳам худди ана шу иксзурриётдир! ҳамма гап ана шунда. Вақт келиб, тарихий жараёнда ҳаракат қилувчи бош шахс ҳам ана шу иксзурриёт бўлиши мумкин!
Эҳтимол, мени ҳиссиётга берилиб, жўшиб кетяпти, деб ўйларсиз, Бунинг сабаби бор. Ахир иксзурриётлар феномени сиёсий жиҳатдан ҳайрон қоларли даражада истиқболи порлоқ. Бу шундай ўткир куч бўладики, бу куч биздан фарқли ўлароқ, орқа-олдига қарамасдан, қўрқинч ва шубҳа нима эканини билмасдан бутун дунёда коммунизм ғалабаси учун курашади. Оила ва қариндошлик алоқаларини эски, зўравонлик дунёсининг қолдиқлари сифатида ҳудди ана шу иксзурриётлар тарих ахлатхонасига улоқтиради. Шахс ва руҳиятнинг мисли кўрилмаган озодлигини ўзида мужассамлаштирган иксзурриётлар одамзоднинг инқилобий таълимимиз аллақачон олдиндан кўра билган янги даврига йўл очиб беражак. Иксзурриёт ўз умрини ўтаган эски дунёни келажакда қўпориб ташлаш баробаринда янги дунёни бунёд этажак. Аминманки, иксзурриётлар муҳитида буюк кишилар, даҳолар одатдаги эскириб қолган муҳитдагига қараганда кўпроқ пайдо бўлади. Ўзингиз тушуниб турибсиз – бунда оилавий ва бошқа эскирган кишанлар ва ташвишлардан бутунлай озод бўлинади. Болалар сунъий йўл билан, ота-оналарсиз бунёд этилади, тегишлича тарбия қилинади. Айтмоқчи, бўлимдаги айрим ўртоқлар ота-онаси номаълум бўлган болаларни келиб чиқиши ноаниқ бўлган қимматли тоғ жинси парчасига ўхшатиб “сбакитлар” деб аташни таклиф қилмоқдалар, лекин менинг назаримда “иксзурриёт” яхшироқ, аниқроқ.
Ҳозирча биз фақат назариябозлик қилаётирмиз, фақат бизни қизиқтирган мавзу юзасидан фикр юритмоқдамиз, мислсиз янги олам ҳодисаси нималарга олиб келишини олдинроқ кўришга ҳаракат қилаётирмиз, лекин буни олдинроқ айтиб бера олиш зарур. Ҳозирги замон цивилизацияси воқеаларни, муаммоларни қаторлаштириб қўяётган экан, қўл қовуштириб туриш мумкин эмас. Тарих буни кечирмаган бўлур эди. Шу муносабат билан айтадиган гапим шуки, келажак кўп жиҳатдан дунёвий курашда биринчиликни қўлга ола билган кишига боғлиқ бўлади. Янги одамларга — иксзурриётларга жамият эшигини очиб қўйган киши ғолиб чиқади, иксзурриётларнинг шубҳасиз афзалликлари шундаки, ана шу ота-онасиз, қон-қариндошсиз туғилган зотлар оиладан, ҳар хил қон-қариндошлик ва уруғ-аймоқлик ришталаридан, патриархал ҳамда ўзга алоқалардан мутлақо эркин бўлади, бу эса эскирган ахлоқнинг асрий юкидан қутқаради. Сиёсий жиҳатдан эса мислсиз ютуқ. Иксзурриётлар коллективизм ва байналмилаллик эталони бўлиб қолади. Улар коммунистик байналмилалнинг зарбдор кучи бўлиб қолади ва худди шу одамлар Ғарбга ҳал қилувчи зарба беражак!
Буларнинг ҳаммаси, сезиб турганингиздай, истиқболда бўлади, лекин умумий концепция ишлаб чиқилиши керак ва ишга туширилиши лозим. Ва партия сиз каби олимнинг, Андрей Андреевич, мазкур масала юзасидан бизнинг мавқеимизга шерик бўлишдан ўта манфаатдор. Аслини олганда икковимизнинг учрашувимиздан мурод ҳам шу. Ва мен ўйлайманки, тил топиша оламиз. Ахир, амалда, Андрей Андреевич, асосий нарса сизга боғлиқ, сиз – иксзурриётлар етиштириш технологиясининг ижодкорисиз. Биз эса шунчаки шериклармиз: мафкура – елканга урилган кучли шамол, елканнинг эмас, балки ҳаракатнинг шамолидир... Шундай эмасми? Айтгандай, ваколатли органлар сизнинг ишингизга катта қизиқиш билан қарамоқдалар, бу борада уларнинг муайян таклифлари ҳам бор.
Суҳбат давом этар эди. МК котибининг ўз оғзидан эшитган гаплардан ҳанг-манг бўлиб, шу пайтда мени ташвишга солган ва қийнаган нарсаларни яширишга интилдим. Суҳбат давомида айтган мулоҳазаларим ва билдирган эътирозларим ҳақида бу ўринда гапириб ўтирмайман. Фикрларим шу маънода унчалик муҳим эмаски, уларда МКнинг мавқеидан фарқ қиладиган ёки айтайлик, Конюхановнинг фикрига эътироз билдирадиган гаплар йўқ эди, нари борса менинг мулоҳазаларим суҳбатдошнинг эҳтиёткорлик билан билдирган мулоҳазаларига ўхшайди.
Нега ўша суҳбатни энди эслаб, ваҳимага тушяпман?! Ва энди космосдан туриб орадан анча вақт ўтгандан кейин хитоб қилаётирман: иксзурриётлар атрофида нима ишлар қилина бошлаган, нималар режалаштирилган, нималарга тайёргарлик кўрила бошлаган. Эсда қолган ўша учрашувни холисанлиллаҳ тасвирлашга ҳаракат қилар эканман, ҳамма нарсани қандай бўлган бўлса шундайлигича, ўзимни ҳам ўша соатда қандай аҳволга тушиб қолган бўлсам ўшандоғича тасвирлайман. Менинг ўша пайтда ўзимни қандай тутганим обрўйимга обрў қўшмайди. Лекин ўша кезда Эски майдонда ўзимни бошқача тутишим мумкин ҳам эмас эди, мен ўзимни оқламоқчи эмасман, мен қаҳрамон эмасман, қаҳрамон бўлмоқчи ҳам эмасман, лекин виждон ҳурмати, айтиб қўйишим керак: ўзимни бошқача тутишим амри маҳол эди; акс ҳолда келажакда мени сиқиб қўйишар, ўзимнинг асосий мавзуимни тадқиқ қилишдан аста-секин четлаштириб, партиянинг содиқ аскарлари бўлмиш ўз ходимларим бу мавзуни ўзиники қилиб олишган бўлур эди – Фанлар академияси тарихида бундай мисоллар тўлиб-тошиб ётибди. Кўпинча раҳбарликни ва таъсирни бой бериш фандаги ўринни йўқотишдан кўра ҳам даҳшатлироқ ҳалокатга сабаб бўлар эди. Нимасини айтасиз, мен бориб турган ақидапараст, ҳокимиятнинг малайи бўлиб иш тутдим, ахир ўша даврдаги зиёлиларнинг кўпчилиги урушдан сўнг қиличинг билан тезак чоп деганларидай, ўзлари ҳақида энди нималар дейишмасин, худди менга ўхшаб кун кўришган.
Яна аҳамиятига кўра бошқалардан қолишмайдиган, ўша ҳолатда менга халақит берган бир жиҳат, шахсий масала... Тушуниб турибман, ўзимни оқлаш учун айтаётганим йўқ, шундай бўлса ҳам... Организмга ҳар доим ферментлар бериб турадиган меъда ости бези каби ўзимнинг ота-онам номаълумлиги ҳақида Конюханов нима деб ўйлаяпти экан деган аламли фикр мени тўхтовсиз сиқувга олар ва тинчлик бермас эди. Бу фикр менга ўзимни одамдай ҳис қилишимга имкон бермас эди. У буни билар эдими ёки йўқми, ё бўлмаса, ўзининг фикр-хулосалари ҳамда ғояларига маҳлиё бўлиб, менинг ким эканлигимни, насл-насабимни бутунлай унутиб қўйдимикин ёки аксинча, таржимаи ҳолимдаги ана шу фактдан – бир вақтлар Руза болалар уйининг эшиги ёнида қанор матога ўраб ташлаб кетилган боланинг таржимаи ҳоли воқеасидан атайин фойдаланаё-тирмикин? Аслида мен ҳам иксзурриётман, табиий ҳолда туғилган бўлсам ҳам, насл-насабсиз, уруғ-аймоқсиз ўшандай одамман, бағритошлик билан бўлмаса ҳам сабот-матонат билан, пинагини бузмасдан иш кўрадиган, ўз ишининг қаттиққўл мутахассиси, ўз лаёқати ҳамда вақтини мақсадни аниқ кўзлаган фаолиятидан бошқа нарсаларга сарфламайдиган ходим деб ном чиқарганман. Ҳамма нарса шуни кўрсатдики, партия мафкурачиларини худди шу хусусият қониқтирар эди улар, иксзурриётларнинг худди ана шундай бўлишларини хоҳлар эдилар. Мен тақдир тақозоси билан иксзурриёт бўлдим-қолдим. Бу ҳақда ошкора гапирилмаса ҳам, мен истар-истамас жонли мисол, маълум даражада тимсол бўлиб қолдим... Буни тушунар эдим... Эҳтимол, Эски майдондаги энг нуфузли хосхоналардан бирида ғалати ҳис-туйғулар шунинг учун ҳам ўша куни менинг юрагимга ғулғула солгандир.
Мен ўзимни бўшанг, беқарор сездим: жоним қийноқда эди. Шундай бўлиб чиқдики, шу хонада, ўзимнинг иштирокимда менга қарши фитна уюштирилди. Илмий тажрибалар билан жиноят ўртасидаги чегара қаердан ўтади, ана шу омонат чизиқни ким кўрсата олади?! Қалбимни шубҳа кемирар эди: агар бу нарса инсониятнинг узоқ даврлардан буён давом этаётган авлодлар силсиласида машаққатлар чеккан асрий армонларига қарши, қўрқинчли ва бемаъни ҳаёт билан яшаётган бўлса ҳам, авлоддан-авлодга такомиллашишга чанқоқ инсониятга қарши – ўзларига насиб қилмаган бўлса-да болалари, неваралари бахтга эришадилар деб астойдил ишонган аждодларнинг орзу-умидларидан келиб чиқиб, мўъжиза рўй бериб, хаёлий ғояларнинг амалга ошишига инсониятга қарши фитна бўлса-чи? Иксзурриётлар бу ёруғ дунёда ҳамма учун ва ҳар бир киши учун авлодлар тажрибасининг давоми бўлмиш тарих ғилдирагининг ҳаракатини тўхтатиши, Оталикка, Оналикка чек қўйиши, ҳамма нарсага барҳам бериши керак эди... Асрлар оша кўз кўриб қулоқ эшитмаган ва ақлга сиғмайдиган ҳолат: Одам Ато билан Момо ҳаводан сўнг иккинчи марта дунёдан Ота билан Она қувғин қилинди, қувғин қилинганда ҳам яширинча, осмони фалакни ларзага келтирадиган момоқалдироқ янглиғ нафрат гулдиросларисиз, барча даврларда бўлганидай нафрат-лаънатларсиз қувғин қилинди – ота-оналик бурчларини йўққа чиқариш йўли билан, маккорлик ва секин-асталик билан ҳомилаларга “ҳунар кўрсатиш” орқали қувғин қилинди, шу билан бир қаторда йўқликка қувғин қилинди.
Бу воқеаларнинг барчасида бош қаҳрамон, Оталик ва Оналикнинг таъқибчиси ва кўзга кўринмас жаллоди сифатида мен турар эдим.
Шу билан бир вақтда тушунар эдимки, энди менинг ролим, аҳамиятим тобора ошар, замон қуёши остида менинг ўрним тобора муҳим бўла борар эди. Улкан ишни амалга оширишда дунё ҳокимлари менга муҳтож-муте бўлишарди.
Мен ташландиқлигимнинг мевасига тўйиб бўлдим. Эҳтимол, бу тақдир тақозосидир – олдиндан тайёрланган қандайдир даҳшатли сценарий асосида худди ана шу ақлга сиғмайдиган усул билан дунёдан ўч олиш учун мени атайин рағбатлантиришаётгандир – иксзурриёт бўлиб туғилганим сабабли ўзим ишлаб чиққан технология асосида ота-онаси номаълум бўлган иксзурриётлар авлодини яратиш менинг зиммамга тушгандир. Воқеаларнинг шундай кечиши кимгадир жуда қўл келгандир – шу пайтда лоп этиб мен чиқиб қолгандирман.
Эшик олдида хайрлашар экан, Конюханов бундай деди:
— Андрей Андреевич, сизни билмайман-у, бу учрашувдан мен жуда катта қониқиш олдим...
Мен ҳам унга тахминан худди шундай лутф билан жавоб қайтардим. У яна гапни давом эттирди:
— Биласизми, Андрей Андреевич, мен бир жиҳатни тушунтириб қўймоқчиман. Сизга органлардан ўртоқлар мурожаат қилишади, улар ҳалиги масала юзасидан... – у гапини охирига етказмади ва давом этди: – сизга ёрдам бериш учун уларнинг ўз таклифлари бўлади. Булар энди ташкилий масалалар, албатта, хавотир олмасангиз бўлади. Дарвоқе, уларда, ҳар қачонгидай, ҳамма нарса ўйлаб, ҳисоб-китоб қилиб қўйилган ва бу сафар ҳам, айтган бўлур эдимки, ишнинг кўзини билиб...
Ростини айтсам, бундай ахборот мени ташвишга солди:
— Вадим Петрович, — мурожаат қилдим мен Конюхановга. — Модомики ўзингиз бу ҳақда гап очдингиз, бунинг учун мен сиздан миннатдорман, тилга олинган ўртоқларнинг кўмаги нималардан иборат бўлишини шахсан ўзингиздан эшитсам яхши бўлармиди? Айтайлик, тегишли мулоқотларга тайёр бўлиб туриш учун.
— Хўп бўлади, – менинг фикримни ўқигандай кулиб қўйди Конюханов. — Сиз билан, Андрей Андреевич, фикрлашишга тайёрман ва шунда тўғри бўлади, розиман. Менда сизнинг бўлимингиздан маълумотлар бор. Қолганларини бевосита иш жараёнида билиб оласиз.
Кейинчалик эшитиб-билганларимиз, соф хизмат юзасидан олганда, чиндан ҳам мақсадга жуда-жуда мувофиқ бўлиб чиқди. Ўртоқлар нима исташларини яхши билишар ва ҳамма нарсани ўйлаб, пишитиб қўйишган эди.
Машинада кетаётиб ҳам шу ҳақда ўйлардим. Москванинг гавжум кўчаларига яна назар ташлар эканман, Конюханов билан бўлган суҳбатни икир-чикирларигача эсга олдим, менинг лаборатория машқларим қандай қилиб бирдан давлат аҳамиятига эга бўлган ўта махфий программага айланганидан ҳайратда қолиб борардим.
Нуфузли органларнинг лойиҳаларига қараганда иксзурриётларни икки босқичда етиштириш кўзда тутилган эди. Биринчи босқич – эмбрионал – инкубацион босқич – тўлалигича ва бутунлайин, менинг институтимга, менинг масъулиятимга юклатилган эди, бунинг учун мен тегишли ҳуқуқ ва маблағлар олар эдим. Бу босқичда энг қийини лабораторияда ундирилган номаълум уруғни инкубанинг, яъни эмбрионни кўтариб юриш учун, аниқроғи, тўққиз ойлик одатдагидай ҳомиладорлик учун ўз организмини лаборатория ихтиёрига топширган аёлнинг бачадонига имплантация қилиш (кўчириб ўтказиш) билан боғлиқдир. Бола туғилгандан кейин иккинчи босқич бошланади, буни шартли равишда эмизик босқичи деб аташ мумкин. Бу қисмнинг бизга алоқаси йўқ эди, иксзурриётларни тарбиялаш билан махсус интернатлар шуғулланишлари керак эди. Иксзурриётлар “саноати” ҳақидаги ваколатли органларнинг умумий тасаввури тахминан ана шундай эди.
Муаммолар-чи? Барча соҳалардаги каби бунда ҳам ўзига хос муаммолар пайдо бўлганди. Ҳайрон қоларлиси шундаки, бу технологияда уруғни донор аёлнинг қорнига жойлаштириш ҳам, ҳомилани ундириш ҳам эмас, балки инкубалар деб аталадиган ана шу аёлларнинг руҳияти билан боғлиқ ахлоқ-этикага бориб тақаладиган соф инсоний омиллар масаланинг энг нозик жиҳати бўлиб чиқди. Лабораторияда сунъий ундирилган иксзурриётнинг инкуба бўлмиш аёлга генетик жиҳатдан ҳеч алоқаси йўқ эди. Ўзини билган ҳар қандай аёл ҳам ана шундай “ижара”га, ўз оналик пуштини сохта оналик учун топшириб туришга розилик беравермас эди. Буни айтиб ўтиришнинг ҳожати ҳам йўқ. Ана шу муаммо теварагида жамиятда жанжал бошланиб кетиши ҳеч гап эмас эди. Чет элларда ҳам шов-шувлар кўтарилиб, БМТгача ва муҳимроқ ишларга тузоқ қўйиб ўтирган бошқа инсонпарвар ташкилотларгача етиб борган бўлур эди. Мана бу ўринда бизнинг ҳамма нарсадан воқиф “уч ҳарфлигимиз” — ДХК (Давлат Хафсилик Комитети)нинг зийраклиги ва тадбиркорлигига қойил қолиш керак. Конюханов эшик олдида мени кузатиб қўяётиб ваколатли органларнинг ташкилий ғояларини тушунтириб берганда мен ғорга кириб қолган қуш учун фақат битта йўл борлигини, бизнинг лабораториямизни, институтимизни ва менинг ўзимни ваколатли органлар аллақачондан буён бедорлик билан кузатаётганини – муаммонинг моҳиятига нақадар аниқ тушунишганини англаб олган эдим. ДХК ходимлари вазифани ҳал қилишда ўз усули ва кўмагини таклиф қилган эдилар. Таклиф бундай эди: инкубалар жазо муддатини ўтаётган маҳкумалар орасидан махфий йўл билан танлаб олинади. Бундай маҳкумалар эса мамлакатда керагидан ортиқ даражада. Турли жиноятлар учун турлича моддалар билан кесилган ўн минглаб ва юз минглаб маҳкумалар кўпдан-кўп аёллар колониялари ва бадарғахоналарда тўлиб-тошиб ётибди. Ана шу маънода маҳкумалар орасидан инкубаларни хоҳлаган миқдорда танлаб олиш мумкин. Менинг розилигим керак бўлиб қолди. Мен ўйлаб кўраман, дедим.
Кейинроқ ваколатли органлар таклифлари билан икир-чикирларигача танишдим ва уларнинг топқирлигидан, режалаштирилган вазифаларнинг аниқлигидан бу сафар ҳам оғзим очилиб қолди. Инкубаликка 10 йилдан 25 йилгача муддатга озодликдан маҳрум этилган маҳкумалардан номзодлар танлаб олиниши керак эди. Тегишлича тиббий ёрдам кўрсатилгандан сўнг маҳкумага қуйидаги шартлар асосида инкубалик ролини бажариш таклиф қилинарди: а) бир иксзурриёт туғилиши қамоқ муддатининг ярмисини қисқартирар, иккинчи иксзурриётнинг туғилиши бутунлай озод бўлиш ҳуқуқини берарди; б) маҳкума-инкуба иксзурриёт-чақалоқни уч ойга тўлгунча эмизиб туришга, шундан сўнг уни давлат тарбиясига сўзсиз топширишга мажбур; в) бола туғилгандан кейинги таътил даври тугагандан сўнг маҳкума-инкуба ўта узоқ районлардаги лагерга ёки бадарғахонага жўнатилади; г) маҳкума-инкуба ўзининг роли, манзили ҳақидаги, хизмат қилувчи ходимларнинг шахси ҳақидаги маълумотларни сир сақлаш тўғрисида тилхат беради, тилхатда кўрсатилган шартлар бузилган тақдирда иккинчи марта жазога тортиларди.
Маҳкумалар орасидан инкубалар танлаш лойиҳаси умумий тарзда ана шундай эди. Мен узоқ ўйладим. Бу лойиҳани қойил қолиб қарши олдим дея олмайман, лекин бошқа йўлини топа олмадим ва таваккалига розилик бердим.
Ваколатли органларнинг бир ходими билан суҳбатлашганим эсимда. У суҳбат учун институтга келди. Хийла ақлли одам экан. Инкубаларни қамалганлар орасидан танлаб олишнинг ахлоқий жиҳатига шубҳа қилганимда у ҳозирча бошқа йўли йўқ, вақт келиб маҳкумалардан фойдаланиш зарурияти қолмайди – инкубаларнинг хизматлари, айтайлик, фоҳишаларнинг ҳизматлари каби пуллик бўлади деб жавоб берди. Ва эҳтимол, оталари номаълум бўлган болаларни қорнида кўтариб юриш маълум доирадаги аёллар учун касб, бўлганда ҳам талайгина сердаромад касб бўлиб қолажак.
Мутлақо ошкора, очиқ гаплашдик.
— Шундай вақтлар келадики, — деб исботламоқчи бўлди у: — Инкубаторлик ошкор бўлибгина қолмасдан, балки болаларни дунёга келтиришнинг бу йўли энг афзал йўл бўлиб қолади. Ва ана ўшанда “Она”, “Ота” тушунчалари чўпчакка айланади ёки фақат шартли аҳамият касб этади.
Шу тариқа ваколатли органларнинг режалари ҳали ишга солинмаган жиҳатлари ва узоқни кўзлаган ғаразлари билан тобора ошкора тус ола борди, янги типдаги илдизсиз одамни яратиш устидан назорат қилишдан айрича манфаатдор эканлиги қадам-бақадам равшанлаша борди. Бирмунча вақтдан сўнг бу ишни кенг йўлга қўйиш мўлжалланганди. Яна кўзда тутилган эдики, туғишни ўзига касб қилиб олган аёллар воситасида оталари номаълум ана шундай болаларни дунёга келтиришни тобора кенг жорий қилиш, иксзурриётларни ташкилий суратда интернатларда тарбиялаш, оқибатда бола туғиб ўстириш заруратидан бутунлай озод бўлган аҳоли ўзини, ҳаётини унумли меҳнатга, бошқа долзарб вазифаларга ва энг аввало, албатта, ҳужумкор жаҳон инқилоби ишига бутунлай бағишлаш имкониятига эга бўлар эди. Коммунистлар бу мақсаддан ҳеч ҳам воз кечмоқчи эмас эдилар. Иксзурриётлар жаҳон тарихига нуқта қўйишади ва янгича йил ҳисоби – тақвими бошланажак...
“Иксзурриётлар узил-кесил нуқта қўйишади, — такаллуфсиз сўзлар эди менинг суҳбатдошим, бошлиғим, – бу нуқта аллақачондан бери зарур эди. Барча шовқин-суронлар, бутун дунёда тинчлик учун кураш ва бошқа сохта гўзал иборалар – ҳиссиётни кўзлаб айтилган сафсаталардир. Модомики, ҳал қилувчи сўз атом зарбасида экан, бу ишни худди ана шу иксзурриёт амалга оширади. У ниманиям йўқотарди, уни бирон киши билан боғлаб турган ҳеч нарса йўқ, унинг ҳеч кими йўқ, у ҳам ҳеч кимники эмас, унинг Ватани – пробиркада унга ҳаёт берган системадан бошқа нарса эмас. Кнопкани босиш керак бўлганда унинг қўли қалтирамайди ҳам. Ҳамма гап ким биринчи бўлишида, ким томонидан вояга етказилган иксзурриёт биринчи бўлиб ядро зарбасини беришидадир”.
* * *
Москва остоналаридаги ўрмонлар орасида жойлашган ва олдин касаба уюшмаларига қарашли бўлган чоғроқ санаторий орадан кўп ўтмай бизга илмий-тадқиқот базаси қилиб берилди. Кабинетлар, палаталар, қоровулхоналар ва бошқа хоналарни таъмирлаб жиҳозлашга ярим йилча вақт кетди.
Мен унчалик шошиб-пишмадим. Лекин барибир ишга киришиш вақти келди. Бошида айтиб қўймоқчиманки, бу ишга хотиржам бўлиб киришмадим ва эҳтимол шунинг учун инкубаликка номзодларнинг шахсиятлари билан уларнинг ҳужжатларидагидан бошқа маълумотларга мутлақо қизиқмадим. Улар билан расмий муомала қилар, рўйхуш бермай, қисқа-қисқа сўзлашардим. Уларни клиникага ёпиқ машинада битта-биттадан белгиланган соатда оддий кийимда олиб келишар, улар эса мен учун бор-йўғи иксэмбрионнинг бўлажак инплантация объектлари эди. Мен уларга исми фамилиясини тилга олмасдан “жувон” деб мурожаат қилар эдим: “Салом, жувон. Аҳволингиз қалай, жувон, сизни кўриб қўйишим керак, қимирламанг”. Фақат шу. Шунингдек, менга ҳам “профессор” дебгина мурожаат қилиш мумкин эди. Ҳеч қанақа ортиқча гап бўлмаслиги шарт эди, барча инкубалар ижарага олинган муваққат оналар сифатидагина муҳим эди. Мен уларнинг биронтасини юзидан танимас эдим, чунки иш учун бунинг кераги йўқ эди... Фақат биттасигина бундан мустасно эди. Лекин бу ҳақда кейинроқ... ўша ҳақда кейинроқ гапирилса бўлади...
Мана сен қирғоққа келдинг, нарироқда эса бошқа Дарё...
Сен унга боғлиқ хотираларни орқага суриш, кечиктириш учун ўзингни қийнайсан, баҳона қидирасан. Хўш, оқибат нима бўлди? Ўзликдан қочишга уринишнинг бемаънилигига, хомхаёллигига ҳар гал ишонч ҳосил қилмайсанми? Ўлиш мумкин, лекин ўзликдан қаёққа қочасан? Шу маънода одам ўлимга маҳкум бўлса ҳам умрбоқийдир.
Ё тавба, нега сен тушунтириш мушкул бўлган нарсаларни тушунтиришга уринасан, сўз билан, йўқ деганда сенинг сўзинг билан ифодалаб бўлмайдиган нарсалар ҳақида ҳикоя қилиб бериш учун қалбингнинг қаърига назар ташлайсан.
Ахир сен ўзингни ўта кучли шахс деб билар эдинг, дўппи тор келганда, зарурий мақсад йўлида ўзингга ўзингнинг кучинг етмас экан, бу ғалати бир ҳолдир. Лекин бу сафар сен ўзлигингни енга олмадинг... Бошқа думли юлдузга келиб урилган учар юлдуз янглиғ нима билан тўқнашишингни билмасдинг. Ҳаммаси бир маромда бораётган эди-ку.
Бу воқеа кейинги йили баҳор пайтида бўлиб ўтди – маҳкума-инкубаларнинг биринчи гуруҳига эмбрионлар имплантация қилинган ва бу гуруҳ тегишлича тиббий кузатишдан ўтказилмоқда эди.
Бу аёлни ўша куни бошқалар каби “фельдшер” ҳамроҳлигида текшириш учун олиб келишди (биз инкубалар соқчисини эскичасига ана шундай атар эдик). Ассистент билан ҳамшира уни менинг ҳузуримга киритишгандан сўнг унинг дастлабки тиббий кўриги ҳақидаги маълумотларни апил-тапил кўздан кечирдим. Ҳамма нарсаси: умумий жисмоний кўрсаткичлари ҳам, гинекологияси ҳам жойида экан, мени фақат шу нарса – мижознинг ҳомилани кўтариб юриш учун яроқлилиги қизиқтирар, қолган жиҳатлари махсус хизматларнинг иши бўлиб, бу ҳақда улар бош қотиришлари керак эди. Шу маънода иш яхши йўлга қўйилган, ҳеч қанчай муаммо йўқ эди. Бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас эди. Чунки номзодларни турмалардаги малакали ходимлар танлаб олишган, маҳкумаларнинг кўзланган мақсадга лойиқлигини синчиклаб текширишган эди; ҳомилани бўйида олиб юришга рози бўлган маҳкумалар ҳаммасиданам жазо муддатини қисқартиришдек фавқулодда имкониятни пучга чиқарадиган бирон-бир воқеа рўй бериб қолмаслигидан кўпроқ манфаатдор эди: ҳомилани ой-кунига етказиб туғиб бериш билан бир неча йиллик ҳибсдан озод бўлиш мумкин эди. Бундай нарса авваллари биронтасининг тушига ҳам кирмаган. Маҳкумаларнинг бу ерга келганларида қўрқинч ва умиддан титраб-қалтираб туришлари, ўзларининг даҳшатли йўлда дуч келган иноятдан маҳрум бўлиб қолмасликни фалакдан илтижо қилишлари равшан эди. Текширишнинг охирги босқичида сендан инкуба чиқмайди деб яроқсизлар қаторига қўшиб қўйишлари ҳеч гап эмас эди. Аёлларнинг ҳаяжонга тушишлари табиий эди.
Кабинетга бошлаб келинган янги маҳкумани эшик олдидаги курсида қолдириб кетишди. Қисқа салом-аликдан сўнг мен ҳужжатларни – маҳкуманинг шахсий номери ва ҳибсхона индексини яна кўздан кечирдим, фамилиясига яна бир бор қараб қўйдим-у, ўша заҳотиёқ эсдан чиқардим. Лопатина бўлса керак. Фамилиялар одатда эсда турмайди – ёки жуда мураккаб ё бўлмаса ўлгудай жўн. Бироқ жувоннинг исми менга жуда ғалати эшитилди – Руна, буниси қанақа исм бўлдийкин, бу исм қандайдир сирлидай туюлди, ўзимдан-ўзим кулимсираб, бошимни кўтардим. Эсимда қолган биринчи нарса шу бўлдики, жувон кўзойнак таққан эди. Демак, инкубалар орасида кўзойнаклисиям пайдо бўпди. Кўринишидан зиёлига ўхшар экан, бу аёлга зонада осон бўлмаса керак, деган фикр хаёлимдан ўтди, ахир у ерларда болохонадор қилиб сўкиниш, ёқалашиш-муштлашиш, сочларни юлиш ва бошқалар одатий ҳол. Ўзи келишгангина, қамалмасдан олдин яна ҳам чиройлироқ, эҳтимол гўзал бўлгандир. Унинг кўз қарашлари ҳам маҳкумаларникига ўхшамайди – айбдорлар сингари зўрма-зўраки кулиб ҳам қўймайди, нигоҳида илтифотдан дарак ҳам йўқ. Қўй кўзларидаги синчковликни кўзойнак яшириб тургандай. Қамоққа тушмасдан олдин ўзига қараб юргани, қошларини териб, киприкларини бўяб, ойна олдида ўзига зеб бергани шундоқ билиниб турибди... Буларнинг ҳаммаси шунчаки омади гаплар, аслида у жиддий жиноятга қўл урган, унинг ўн йилга ҳукм қилингани, маҳкума бўлгани бежиз эмас, албатта... Энди бўлса қамоқ муддатини қисқартириш учун иксзурриёт туғиб беришга журъат қилган.
— Хўш, энди, жувон, — дедим мен, — текшириш анализларини тағин бир марта такрорлашга тўғри келади. Шундан сўнг яна нималар қилиш кераклиги аниқ бўлади.
 У индамади.
— Шикоятлар борми?
— Сиз нимани назарда тутяпсиз? — деди у.
— Соғлигингизни. Бошқа ҳеч нарсани эмас.
— Йўқ, ҳозирча йўқ.
— Тайёргарлик даври кўрсатмаларининг ҳамма-ҳамма-сига қатъий амал қилиш керак. Нима қилиш лозимлигини сенга айтишади. Ҳамма нарса кўнгилдагидек чиқса, келгуси ҳафтанинг бошларида, сешанба ёки чоршанба куни имплантация қилишади. Демак, бироз кутишга тўғри келади.
— Мен шошилмайман. Буларнинг ҳаммаси мен учун бир пул.
Унинг қўрс жавобидан ҳайратда қолдим. Мунақаси умуман учрамаган. Кўзойнаклик аёлга диққат билан нигоҳ ташлаб, столдан турдим-да, ёнига келдим. У ҳам ўрнидан турди. Шунда мен бундай қўпол муомала қилмаслик кераклигини айтиб қаттиқ огоҳлантирдим:
— Агар сен шошмаётган бўлсанг ва бунинг сенга бир пуллик аҳамияти бўлмаса, ҳуда-беҳуда ишларнинг нима кераги бор эди? Сен бу ерга қандай ният билан келдинг, сен қаерга ва нима учун бораётганингни билармидинг?
— Билардим. Билганда қандай.
— Шундайми? Жувон, мен сендан сўраяпман. Сен бу ерга нима мақсадда келдинг?
— Нима мақсад билан? Сизни кўриш учун, профессор ва буларнинг ҳаммаси болаларнинг чўпчаклари эмас эканлигига ишонч ҳосил қилиш учун.
— Бор-йўғи шунинг учунми?
— Ишонинг – бор-йўғи шунинг учун. Сизни кўриш учун, бутун ҳақиқатни юзингизга айтиш учун.
— Ҳа, шунақами?! — беихтиёр оғзимдан чиқиб кетди. Шундан сўнг мен лўнда қилиб узил-кесил гапирдим:
— Сен ёзма тарзда розилик берганмидинг?
— Ҳа.
— Сен тушунасанми-йўқми — бу қилиқ билан тилхатни бузган ҳисобланасан ва сенинг муддатинг яна чўзилади.
— Тушунаман.
— Шундай қилишинг шартми?
— Шарт. Бу сиз учун зарур.
— Мен учун? Нима, биз сен билан қандайдир муаммони ҳал қилаётирмизми?
— Ҳа. Одамлар табиат ва Худо айтгандай урчишадими ёки бу муаммо шайтони лаъиннинг васвасаси билан ҳал қилинадими?
Мен шиддат билан деворга келиб урилгандай жим қолдим. Шундан сўнг ғазабимни зўрға тийиб, дедим:
— Бунга ўзимнинг ҳам ақлим етади, хоним. Сен билан видолашишга тўғри келади. Афсус, сен муддатингни қисқартиролмайсан, аксинча янада чўзар экансан. Энди ўзингдан кўр.
— Мен айтадиган гапларимни айтиб олдим.
— Сен ҳаддингдан ошмаяпсанми? Меъёр деган нарсани биласанми ўзи?
— Мен маҳкумаман, Андрей Андреевич, — у кутилмаганда менга расмий оҳангда мурожаат қилди ва ҳар куни бошқалардан юз марталаб эшитган бу сўзлар унинг оғзидан чиққани ғалати туюлди. — Мен маҳкумаман, вассалом, — такрорлади у. — Нимага буёққа келаётганимни билардим. Бу бурчни қўлимдан келганича бажардим. Бу суҳбат, эҳтимол, сизда қандайдир ҳис уйғотар, ўйлаб кўришга мажбур қилар. Бошқа гапим йўқ.
— Сен менга ақл ўргатма! — ғазабнок жавоб бердим, инкубалар билан ишлашда рўй берган бу кўнгилсизликнинг қачонлардир юз бериши муқаррар эканини яхши тушуна туриб. — Сенинг ўрнингга ўнларча талабгорлар чиқади!
— Энг даҳшатлиси мана шу-да, — таъкидлади у. — Бунинг учун ҳам сиз айбдорсиз, бу ҳам сизнинг виждонингизга ҳавола. Бошдан-оёқ сизнинг виждонингизга.
— Виждон билан виждоннинг фарқи бор, — кесиб гапирдим мен.
— Бунақангисини биринчи бор эшитяпман.
— Фалсафий мунозарани вақти бемалол бўлганларга қолдирайлик. Сени бу ерга сафсата сотиш учун олиб келишмаган. Келган жойингга қараб туёғингни шиқиллатиб қол. Сен билан гаплашадиган гап қолмади.
Мен тугмачани босдим. Уни олиб кетиш учун келишди.
— Хайр, — деди у кетаётиб.
Индамадим.
Эшик ёпилди. Мен ёзув столимга қайтиб келдим. Бошқа ишлар, бошқа ташвишлар билан ўралашиб қолдим.
Лекин ўша кўнгилсиз ҳодиса ҳеч ҳам миямдан чиқмас эди. Ўша “ҳақиқатпарвар”ни келган жойига, зонасига (Кострома атрофлари шекилли) жўнатиб юбориш ҳақида кўрсатма керак эди, у ўша ерда ўзини ким деб билса, билавермайдими. Лекин бу ишни кейинга қолдирдим. Ишлар, қўнғироқлар, суҳбатлар орасида ўша маҳкума ёдимга тушаверар, уни унутишга ўзимни ҳеч ҳам мажбур қила олмас эдим, лекин ҳеч кимга ҳамкасблардан биронтасига, ҳатто анча яқин бўлган ходимга ҳам менинг жаҳлимни чиқарган ва ҳамон дилимни ачитаётган воқеа ҳақида бир оғиз сўз очганим йўқ.
Жуда ғалати аҳволга тушиб қолдим, ўзимни-ўзим танимай қолдим. Мен нима учундир унинг иши билан яхшироқ, батафсилроқ танишишга қарор қилдим. Бунақаси қаердан чиқди? У асли ким? Нима учун қамалган? Қайси модда билан айбланган? Мияси мундайроқларни зоналарда ушлаб ўтиришмаса керак. Бу бебош жувон ким ўзи? Уни қандай умидсизлик шамоли ҳайдаб келган, унинг миясида қандай фикрлар ва сўзлар жўш урмоқда? Эрк бериб қўйсанг борми, сени виждон азобига солиш, кўнглингга алағдалик уруғини сочиш учун, азоб-уқубатдан қон ютиб эмаклаб қолишинг учун ҳали кўп вайсаши мумкин эди.
Виждонлилик даъвосини қилганларнинг қатъий нуқтаи назаридан бошқа ҳеч вақоси бўлмаслиги мумкин ва уларнинг ҳужумкорлиги шундан. Бироқ виждон, энг аввало, ички мустақилликни талаб қилади, акс ҳолда уни эски-туски нарсалар каби бозорда сотиш ва сотиб олиш мумкин бўларди. Сирасини айтганда дунёда виждон тушунчасидан ҳам кўра сийқаси чиққан нарса бўлмаса керак. Ўша маҳкума бу ерга Американи қайтадан кашф қилиш учун келганмиди? Жиноятчига, ҳукм қилинган хиёнаткорга виждон ҳақида гапиришни ким қўйибди.?!
Шундай деб ўйлар эдиму барибир ўзимдан нафратланардим. Сен ўзингни оқламоқчисан, кимнинг олдида ва нима учун оқламоқчи бўласан?! Сен ожиз экансан. Бўлмаса нима учун ҳамон ўша жувонни ўйлаяпсан?
Мен унинг ҳужжатларини яна бир бор варақладим. Лопатина Руна Федуловна, советларга қарши материалларни сақлагани ва тарқатгани учун 158-моддага биноан ҳукм қилинган. А-ҳа, мана энди тушунарли, қандай парранда эканлиги парвозидан маълум эдику? Албатта, албатта, бундайлар ҳеч қачон тиниб-тинчимайди, тўймайди, ўзининг ким эканини билдириб қўйиш учун улар ҳар доим норозилик билдиришлари керак, бу гал қаерга бош суқишни топганга ўхшайди… Эри йўқ, ажрашган. Бундай палид аёл билан ким ҳам яшарди. Ажабланишга ўрин йўқ экан.
Кейин бошқа ишлар билан чалғиб кетдим ва фақат хизмат ҳужжатлари учун мўлжалланган пўлат сандиқларда сақланиши керак бўлган қоғозларни уйга олиб кетмаслик учун ишдан қолдим. Руна Лопатинага оид барча қоғозларни бошдан-оёқ ўқиб чиқдим. Умуман олганда қандайдир бошқача, ҳаётга ўз нуқтаи назари билан қарайдиган жувон экан, бундай шахслар, одатда, кескин чора-тадбирлар тарафдорлари бўлган гуруҳларда, маънавий, сиёсий доираларда, ҳукуматга қарши мухолифатчилар орасида ҳамма замонларда бўлиб келган. Бундайлар орасида ҳар хил одамлар бўлиши мумкин. Ўзларини халоскорлар деб биладиган ва ғоя йўлида ўз мухлисларининг барчасини қурбон қилишга тайёр турадиганлари ҳам бўлади. Лекин Рунанинг бунга нима алоқаси бор? Барча маълумотларга қараганда, у сўққабош идеалист. Янаям ким билади дейсиз. Уни бир марта кўриб, ундан бор-йўғи бир неча сўз эшитибгина қандай хулоса чиқаришим мумкин? ҳа, албатта, у оддий одам эмас, айниқса, унинг қисмати қийин кечган, ўқитувчилик қилган, кейин киноҳужжатчилик билан шуғулланган –совет мактаби ҳақида ҳужжатли киносценарийлар ёзган, бизда эса мактаб муаммолари ижтимоий жиҳатдан ҳар доим кескин бўлиб келган.
Бирдан қимматли Вава, Валерия Валентиновна эсимга тушиб қолди. Кошки у ўзининг даҳо шогирди эндиликда нима ишлар билан шуғулланаётганини билса! Лекин бу шунчаки гап эди. Рунага келганда шуни айтиш керакки, бу аёл, барча маълумотларга қараганда, ўзининг укаси Лопатин Игорь Федулович касрига қолган. Худди ўша киши профессионал киночи бўлган экан, машҳур Кинематография институтини битиргач, эҳтимол, акасининг таъсири ва ёрдамида Руна мактаб ҳақида киносюжетлар билан шуғулланган. Кейинги материалларда қайд қилинишича, собиқ ўқитувчи Руна Лопатина Горький номидаги киностудия қошидаги ҳаваскорлар секциясида ишлаб, кино ҳаваскорлари орасида ғоявий жиҳатдан шубҳали фикрлар тарқалишига кўмаклашган, баъзи бир гувоҳлар бу жувон, Руна санъатда муайян бир ғаразли йўналиш учун, совет кишиларини ва уларнинг ҳаётини салбий томондан тасвирлайдиган ҳужжатли лавҳалар тайёрлаш учун курашган деб исботлаганлар. Булар қоралов муқаддимаси эди.
Иш юзасидан бош айбдор жувоннинг укаси Игорь Лопатин эди. У “штатдаги” кинооператор бўла туриб, давлат аппаратлари ва воситаларидан жиноий жазога лойиқ фаолият йўлида фойдаланган, совет воқелигини бузиб кўрсатадиган, совет ижтимоий ва давлат тузумини бадном қиладиган, бошдан-оёқ туҳматдан иборат ҳужжатли ленталарни суратга олган ва шу йўл билан ғарб жамоатчилигини ёлғон маълумотлар билан чалғитмоқчи бўлган”. Яна шу нарса қайд қилинганки, “судланувчи мазкур жиноий иш билан беғараз шуғулланиш у ёқда турсин, аксинча, совет давлатини бадном қиладиган киноматериалларни Ғарбга валюта ҳисобига сотиб юрган. Худди ўша ерда, чет элларда материаллар кинозалларда ва телевидение каналлари орқали намойиш қилинаётганда бизнинг махсус хизмат ташкилотларимиз бу киноленталар-нинг қаердан келганини аниқлаган”.
Бундай ҳолларда қандай таниш қўшиқлар, қандай таниш қилмишлар дейишганидек, аслида шундай бўлганми-йўқми – ким билади дейсиз, ҳар қалай Руна ана шу гаплар билан айбланган. Руна укаси билан бевосита ҳамкорлик қилганда айбланган – укаси опасига “рухсатсиз суратга олинган ленталарни берган, опаси бу ленталарни яқин дугонасиникида сақлаган”. Бу ишлар текширувда аниқланган. Кимдир изига тушган. Игорь қамоққа олингач, Руна огоҳлантириш учун шошилиб дугонасиникига келса, бу ерда тегишли хизмат ходимлари уни кутиб туришган экан. Шундай қилиб, Руна жиноят устида ушланган. Шундан сўнг кутилмаган воқеа содир бўлади – процесс жараёнида Руна укасининг қисматини қандай қилиб бўлса ҳам енгиллаштириш учун бор кучи билан уриниб кўради. У совет кишиларининг ҳаёти ва турмуш саҳналарини кинога олиш мендан чиққан ғоя эди, нималарни ва қандай қилиб кинога олиш кераклиги тўғрисида укамга мен кўрсатма берган эдим, суратга олинган ленталарни хорижий мухбирларга валюта ҳисобига шахсан мен берган эдим, укам мендан чиққан ғояларни ижро этган холос, деб, асосий айбни ўз гарданига олган эди.
Мана шундай гаплар. Бу ўринда яна бир тафсилотни айтиб ўтишга тўғри келади: судда Рунани америкалик журналист билан ошиқ-маъшуқаликда айблашади – журналист Америкасига қайтиб келгандан кейин мақола ёзган эмиш. “Бу мақолада ўйнаши ҳақида мақтовли фикр айтган, совет жамиятига эса, аксинча, ўта душманлик муносабатда бўлган” эмиш, бу эса қамоққа тушиб қолган жиноятчи жувон учун ўч олиш усули эмиш. Руна бўлса америкалик журналист ўйнаши бўлганини тан олмаган, меҳмонга рус тилини ўргатиб юрганман, холос деб кўрсатма берган. Хуллас, калаванинг учини тополмайсан. Уларнинг нима ишлар қилганини ким билади дейсиз, нима бўлганда ҳам, буларнинг ҳаммаси Рунанинг бошига бало бўлди.
Ўша куни ишдан кеч қайтдим. Бошқа юмушларим бор эди, шу билан бирга Руна Лопатинанинг ўтмиши билан яхшироқ танишишга бўлган иштиёқ ҳам мени анча ушлаб қолди.
Одатдагидай дарвоза олдида соқчига ишора қилиб қўйиб, хиёбон бўйлаб Успенский кўчасига кирганимда ғира-шира бўлиб қолган эди. Москвага ошиқаётган машиналар оқимига қўшилдим.
Бу ерларда ўрмонлар ва тепаликлар оппоқ қорга бурканган қиш пайтида ҳам тушдагидай кўркам, яшиллик олами гулга безанган ёз фаслида ҳам тенгсиз гўзал, ана шу пайтда ўрмондан ўтгандан сўнг бирдан Москва дарёсининг нурафшон муюлиши бир неча лаҳза кишини мафтун қилиб қўяди. Бу сув, осмон, ўрмон мўъжизасидир, мен ҳар доим шу ерга келганда ойна орқали боқиб, машинада олға қараб елиб борар эканман, ортда қолган манзарани мумкин қадар кўпроқ хотирада сақлашга одатланганман.
Бу тафсилотларга тўхталиб ўтиришим бежиз эмас. Бу ерларда ҳар икки томонга қараб неча марталаб машинада ғизиллаб ўтганман, лекин ҳаётимнинг ана шу йўл ёқасидаги гўшалар билан чамбарчас боғланиб кетиши етти ухлаб тушимга ҳам кирмаган. Вақти келиб бу ерлардан ўтишга юрагим дов бермай, айланма йўлдан юра бошлар эканман...
Бу гал Москвага яқинлашар эканман, ўша инкубаликка номзод қайсар жувон Руна Лопатинани кейинги куни яна клиникага келтириш керакми деб ўйладим. Ҳа, келтириш тўғрисида кўрсатма бердим. Нега бундай қилдим? Унга нималар дейман? У инкубаликка розилик берганда буткул бошқа мақсадни кўзлаганлиги аниқ эмасмиди. Эҳтимол, ўша Руна савдойидир, унда сохта одиллилик, ўта виждонлилик каби бошқа бир хислатлар васваса қилаётган бўлса-чи? У билан пачакилашиб ўтиришим шартми?! Уни узоқ-узоқларга ҳайдаб юбориш керак, зонада ҳаром ўлсин. Изза қилиш учун одамини топибди, ўзи ким бўпти?! – “Сен ўзинг-чи? Сенчи? – дедим ўзимга ўша заҳотиёқ. — Ўзинга нишон, мўлжални роса топибсан! Жазога ҳукм қилинган, ҳақ-ҳуқуқдан маҳрум маҳкума бўлса-ю, сен у билан олишиб юрибсан! Баракалла азамат, гап йўқ, зўрсан!”
Йўл муюлишларида икки марта тормозни қаттиқ босиб юборибман, йўловчилар тум-тарақай қочиб қолишди – рулда ўтириб хаёл суриб кетибман, хира фикрлар ҳамон таъқиб қиларди. Мен ўша Рунасини бор-йўғи бир марта кўрдим, унинг нимаси ром қилган эди мени? Бўлган воқеани хотирладим – столдан турдим, унга яқинлашдим, у ҳам турди. Мана, менинг ёнимда турибди – маҳкума, шаҳар чеккасидаги клиникага профессорга кўрсатиш учун махсус кийимда олиб келишган, эгнида худо билсин қаердадир тикилган кулранг кофта, ҳалпиллаган кенг юбка, дағал ботинка. Кийим-бош кўркига кўрк, ҳуснига ҳусн қўшган пайтларда у гўзал бўлган, албатта. Мен унинг менга ҳаяжон билан, дадил ва мардона боққан кўзларини эсладим. Кўзни одатда қалб кўзгуси дейишади, лекин бу тўғри эмас, кўз дилнинг ўзи, унинг жонли ифодасидир. Ўғил болаларникига ўхшаш елка суяклари туртиб чиққан, нимжон кифтлари беихтиёр жунжиккан, нозик, ингичка қўлларини қовуштириб турар эди. Қаддини ростлаб ғоз қадам ташласа, тортинмасдан эмин-эркин юрса, яйраб қаҳқаҳа отса, ола-була оломон орасида кўчада ялло қилиб юрса ярашмасмиди? Муртадлик учун ва умуман бу замон учун яратилган эмас у. Унга ўтган асрнинг либосларини кийинтириб қўйса борми?! Ахир ҳамма вақт шундай бўлиб келган, киши қаерга бормасин ўз виждонини пеш қилади, нима бўлмасин, нима рўй бермасин – унга бу виждондан ёки виждондан эмас деб жавоб бер. Ҳар бир киши қўлтиғида ўзи билгандай виждонини кўтариб юради. Одам боласи борки, ўз виждони билан мақтанади. Одам боласи борки, виждонни тилга олганда Худо номидан гапиради... Лекин биргина виждон билан узоққа бориб бўлмайди. Оллоҳга қарши, у ҳаммамизга ато қилган ва бизларни жиловлаб турадиган виждонга қарши чиқиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди, ҳар доим фақат Оллоҳ таолонинг кор-у амали бўлиб келган ишларни, айтайлик, одамнинг дунёга келиши жараёнини ўз қўлига олиш, керак бўлиб қолганда “мана мен” дейишга қодир одамлар ҳам кўп эмас. Худонинг ўлим устидан якка ҳукмронлиги етар, бу касбни ҳеч ким ундан тортиб ололмайди. Туғилиш масаласига келганда шуни айтиш керакки, мен бу ўринда у билан беллашаман ва менинг виждон билан ҳемирилик ишим йўқ... Буни Руна тушунармиди – у тушунмаса керак. Шу боисдан ҳам у виждон дея наъра тортиб, ўзини қаҳрамон қилиб кўрсатди... Ундан кўра ўзи ҳақида ўйласа бўлмасмиди, энди у қаерга боради ва нималар қилади?
Ўша кечани мен академиклар учун мўлжалланган данғиллама ҳовлимда ўзимни қаёққа қўйишни билмай ўтказдим. Бу ҳовли Сталин ўзининг атом бомбалар ясайдиган командасига тортиқ қилган уйлардан бири эди. Деворлари ниҳоятда қалин, деразалари катта, шиплари жуда баланд уйлар. Хўш, қандай қилиб мен бу ерга келиб қолдим? Умуман мен бу ерга нимага келдим ва нима учун бу ерда яшаяпман? Ўша кечаси ташландиқ эканлигим яна эсимга тушди. Мен ортиқчаман, менинг ўзим иксзурриётман, мен инсоният орасида “қора туйнукман”. Дунёда мендан ким бахт кўрди, ким? Қайси аёл мен билан учрашганида ҳаётдан мамнун бўлганини изҳор қилди? Орқа-олдига қарамасдан қочиб қолган Евгениями? У, ўша ажойиб актриса мен билан яшаб нима кўрди? Илтифотсизлик, эътиборсизлик, шафқатсизлик, ўз эрининг қўли билан қилинган абортларними? ҳаёт йўлида чақмоқдай тўқнашиб ғойиб бўлган аёллар ҳам мен билан учрашувларини ногоҳоний бахт онлари деб эсламаган бўлсалар керак. Менинг бутун кўрган-кечирганларим бўм-бўш, ғамнок туюлди...
Бирдан хаёл оти мени яна ўша аёл, бугунги ўша маҳкума Руна, руник даврлардан қолган исмли жувон сари элтди. Нега мен ўша аёл ҳақида ўйлаяпман? Шу соатда у нималарни бошидан кечиряпти экан? Қийналаётган бўлиши мумкин. Эҳтимол, ўзини қийноққа солаётган, миясида ғужғон ўйнаётган ёвуз фикрлардан холи бўлиш учун сочини тараб ёяётгандир. Қамалмасдан олдин у сочини бошқача тараб юрган бўлса керак, унинг сочлари қуюқ ва жингалак бўлган, зонадагидай елкасига сиқиб турмаклаб юрмаган. Профессорнинг “кўзини очиб” қўяман деб, ўзини яна қийин аҳволга солди, ўзининг ҳаётини янада мушкуллаштирди. Наҳотки, у ҳаммасини била туриб қилган бўлса? У бугунги учрашувимиз ҳақида нималарни ўйлаяптикин? Эҳтимол у қайси бир масалаларда ҳақдир, лекин биргина виждон билан, эзгу ниятлар билан дунёни тўлдириб бўлмайди-ку! Қуёш тагида тобора кўпроқ жой олиш учун орзуманд бўлган инсоннинг ваҳшиёна нафсини қондириб, ўзгартириб бўлмайди, агар одамларнинг иштаҳаси шундай бўлаверса борми, кўп ўтмасдан одамларга қуёш ҳам озлик қилади, лекин яна ҳам хавфлиси шуки, у, яъни инсон бошқа кишилар устидан тағин-да кўпроқ ва тағин-да кучлироқ ҳукмронлик қилиш касалига мубтало бўлади. Шунинг учун ҳам янги одамлар – иксзурриётлар керак... у аёл бўлса уларнинг йўлига қарши чиқмоқчи, уларнинг ҳаётга, ҳокимиятга, урушга кириб келишига монелик қилмоқчи бўлади. Буни тушуниш мумкин, лекин бу қудратни енгадиган ҳеч қандай куч йўқ...

* * *
Кейинчалик мен беҳуда бўлса ҳам тез-тез ўз-ўзимга савол берардим: нима учун ўша кечаси бутунлай ўзим билан ўзим бўлиб қолдим? Бошқа кунлари тинчлик бермайдиган биронта мажлис ҳам, йиғин ҳам, учрашув ҳам ва бошқа сиёсий воқеа ёки кундалик тўс-тўполон ҳам бўлмади...
Мен ўша кечаси қийналиб чиқдим ва ҳеч ҳам ўзимга кела олмадим. Мени ўша маҳкума Руна довдиратиб қўйди ва ғафлатда қолдирди – ахир теварагимиздаги биронта киши ишимизга шубҳаланган эмас ёки менга шундай туюлдимикин?..
Лекин у ўзини ҳам аямади, ўзини намойишкорона қурбон қилди! Шундай қилиб бўладими? Нима учун у мени миршаб ва прокурор ролида ножўя ҳаракатлар қилишимга мажбур этади? Наҳотки у менинг айбимни юзимга айтиш учунгина ўзини яна бир неча йил озодликдан маҳрум этишга журъат қилган бўлса?! Тўғри, уни ҳам тушунса бўлади, ўз мавқеини, кўнглидаги ҳақиқатни айтиб олишни мақсад қилиб қўйган экан, шундан бошқа йўл йўқ эди-да. У буни кўчада, мажлисда, айниқса, хорижий мухбирларга очиқчасига ҳамманинг олдида ошкора айтиш имкониятига эга эмас. У зонага михлаб ташланган... Энди бўлса уни янги жазо хавфи кутмоқда. Яхшиямки, иккаламизнинг орамизда нима гап ўтганини ҳеч ким билмайди, яхшиямки, мен бу ҳақда бирон тирик жонга лом-мим деган эмасман, яхшиямки, уни такрор чақириш ҳақида кўрсатма бердим. Ҳа, эртага, кундуз соат иккида уни олиб келишади. Ҳали ҳамма нарса бой берилгани йўқ, ҳамма кўприклар кул қилиб куйдирилганича йўқ. Эҳтимол, уни яна судланишдан қутқариб қолиш мумкин бўлар.
Миямда ана шу фикр борган сари қатъийлашар, менда уни ҳимоя қилиш, жазодан қутқариб қолиш истаги тобора кучлироқ авж ола борди ва ўзимни бошқача ҳис эта бошладим, ўзимни ўзим кашф қилар эканман, ўзимни танимай қолдим. Менга нима бўлди ўзи? Жувонни тушуниш ва ҳимоя қилишга интилар эканман, аста-секин шундай фикрга келдимки, Руна Лопатина менга даъво қилиб ўзини қийноққа солар экан, бу худонинг хоҳиши эмасмикин? ...Илгарилари мен Раҳмони Раҳим дегани нима, бу нималарда ва қандай намоён бўлади – бу ҳақда ўйламаган ҳам эдим ва эндигина бирдан сеза бошладим: мен ўз кучига маҳлиё бўлиб, одам уруғини минг кўйга солиб ҳунар кўрсатган бўлсам, бу аснода Худонинг кўкрагидан итариб қўйган бўлсам, маҳкума Руна Акрам ул-акраминнинг элчиси, ифодачиси эмасмикин? Бу мендаги Эзгуликни синаб кўриш йўли эмасмикин?
Ана шундай аччиқ ва ширин хаёллар оғушига ғарқ бўлардим. Менда ўша жувонга, ўша маҳкумага нисбатан кўзимни очишга, ўзимга шубҳа билан қарашга, ўзимнинг такаббурлигимни ва димоғдорлигимни тушуниб етишимга мажбур қилгани учун миннатдорчилик ҳисси пайдо бўлди. Мен унинг олдида энди ўзимни бошқачароқ тутишим керак экан. Афсус, Рунага, уни вақтинча сақлаб турган хос изоляторга ўша заҳоти телефон қилиб бўлмас эди. Унга кўп нарсани гапириб берган, жавобига ундан кўп нарса эшитган бўлардим. Қани энди иложи бўлса-ю, машинамга ўтириб тун қоронғусида ўша изолятор томон йўл олсам-да, уни топиб гаплашсам! Лекин бу ҳам амалга ошмайдиган орзу эди, холос. Қўлимдан келадигани эртанги учрашувни кутиш эди. Рунани кабинетимга олиб келиб, суҳбат қилиш учун ташлаб кетганларидан сўнг унга яқин келиб, қўл олиб кўришаман. “Мени афв этинг, Рунахоним, биз ўша суҳбатимизни давом эттирамиз. Мен сизнинг мулоҳазаларингизни жиддий эътибор билан эшитишга тайёрман, сизнинг ҳам худди шундай йўл тутишингизни илтимос қиламан. “Менинг ҳам важларимга қулоқ тутинг”, – “Жуда яхши!” – деб жавоб беради у ва самимий иқрор бўлади: — Мен бўлсам сизни ҳеч қачон кўрмайман деб ўйловдим, профессор. Эски ҳаммом, эски тос деганларидек, мен лаънатини эрталабдан ўз жойимга, зонамга, ҳайдаб боришади, мени янгидан суд қилишади ва яна ҳам узоқроққа, Сибиргами, Олтойгами олиб бориб ташлашади деб ўйлабман, бирдан денг, навбатчи назоратчи келиб қолди, мени яна профессор Крильцов Андрей Андреевич чақиряпти, деб қолса бўладими. Мана, мен келдим...”
“Одил ҳакам Худойим! Қанақанги номаъқулчиликларни ёғдирасан менга? – пичирладим чорасизликдан. — Қанақанги болалик бу ўзи, мени тўхтат, гўдаклигим тутиб кетибди!”
Чиндан ҳам, буюклик билан бачканалик ораси атиги бир қадам экан, майли мен бачкана бўла қолай, ҳамма нарса мен ўша кечаси ширин ҳаёлга ботганим каби бўла қолса жон дердим. Дилинг тубидаги бемаъниликка ишонишнинг ўзи ҳам бир бахт!
Дилимни бирданига яланғочлаб ташлаган ана шу барча жўшқинликлардан сўнг уфқдан кўтарилган қора булут каби менинг учун энг оғир шубҳа пайдо бўла бошлади – мен инкубалар қорнида иксзурриётлар етиштиришга маънавий ҳуқуққа эгамидим? Менинг ишларимни қайси юксак мақсадлар билан оқлаб бўлади? Иккиюзламачилик қилмайман, бундай шубҳалар дилим тубида ҳар доим мавж урар эди, лекин на мен, на менинг ҳамкасбларимдан биронтаси ҳеч қачон бу ҳақда ғинг деган эмасмиз. Фан ютуқлари бизнинг обрўйимизни ўз кўз ўнгимиздагина эмас, балки жамият назарида ҳам юксакликка кўтарган эди. Бироқ, фан билан виждоннинг бир-бирига қанчалик мос келмаслигига, кўпгина ҳолларда фан билан жиноят бир-бири билан боғланиб кетганлигига мисоллар топиш учун XX асрда узоққа бориш шарт эмас.
Мана, менинг виждоним, турма маҳкумаси уйғотган виждоним тилга кирди. Бетайин ота-оналардан номаълум болалар етиштиришнинг, уларни инкубалар ёрдамида дунёга келтиришнинг инсониятга қарши ҳаракат эканлигини тан олиш – Руна мени ана шунга ундади.
Уни менга нима олиб келди, ажал остонасигача бизларни нима боғлаб қўйган экан, уёғини тақдир билади... Ҳукмни мен чиқармай...
Ўша кечаси ҳаммаси ўзгариб кетди. Мислсиз фидокорлиги, ақлга сиғмайдиган қилмишлари мени ром этган аёлдан кечирим сўрашга тайёр эдим. Мен инсон зотига қилган ёвузлигимдан воз кечиш йўлида ўша аёл олдида тиз чўкишга тайёр эдим. Борди-ю у менинг муҳаббатимни қабул қилса ва ўз навбатида менга муҳаббат изҳор қилса, мен унга уйланган бўлардим... Ҳа, ҳа шундай!
Бунга қандай эришиш мумкинлигини тасаввур ҳам қила олмайман, ахир кўп йилларга ҳукм қилинган, у “майли” дейдиган бўлса, мен у билан ўрмонгами, тоққами, денгиз ортигами – қаерга бўлмасин, фақат бирга яшаш учун бош оққан томонга қочиб кетишга тайёр эдим... Ҳаётни янгидан бошлаш учун дарбадарликка ҳам розиман, бу билан мен машъум ўтмишимнинг гуноҳларини ювган бўлардим...
Бу ҳақда бир марта хаёл сурдим-у, ўзимни тўхтата билмадим. Менинг хаёлларим чексиз-чегарасиз эди. Мен ўзимда тўнтариш ясадим. Хаёллар оғушида қолдим. Менинг янги ҳаётим эртадан, Рунани олиб келишган ва иккаламиз холи қолган соатдан бошланиши керак. Менда қандай ўзгаришлар рўй берганини тушунтириб, руҳан енгил тортганимни ҳикоя қилиб беришга ва ўзимнинг ҳамма нарсага тайёр эканлигимга уни ишонтиришга ҳаракат қиламан. У фақат “хўп” деса бас, у мени севгилим деб тан олса бўлди. У фақат менинг самимий эканимга ишонса, бизнинг бирга бўлишимизга амин бўлса кифоя.
Мен диванда нотинч ва сергак уйқуга кетганимда тун ярмидан ошган эди. Тонг саҳарда момоқалдироқ гулдиради. Том устида гумбирлаган овоз эшитилди, дераза ортида жала қуйди. Табиат ҳодисаларига назар ташлар эканман, бу момоқалдироқни худди ўзим гумбирлатаётгандай бўлдим, осмоннинг ярмисини эгаллаб чақмоқлар чаққанини, челаклаб қуяётган ёмғир қасирғасидан шох-шаббаларнинг ерга теккундай юкунганларини, қушлар галасининг момоқалдироқ қучоғида ҳуркиб безовталаниб бошпана илинжида уёқдан-буёққа ўзини урганини кўрдим...
Ўзим ҳам момоқалдироқ қўйнида парвоз қилдим. Мен дарча орқали деразадан учиб чиқдим, томлар устида, кўчалар ва хиёбон устида қанот қоқдим. Яшин ҳамда булутлар орасида тусмоллаб ва чамалаб парвоз қилардим – ахир қаердадир турма бор, ўша жойда у, инкуба бўлишдан бош тортган жувон ҳам момоқалдироқ овозини эшитди. “Руна, Руна! – деб қичқирдим мен. — Бу менман! Мен сени қидириб юрибман!”. Момақалдироқ гумбирлаётган, мен осмони фалакдан бор овозим билан унга мурожаат қилаётган шу онларда у нималар ҳақида ўйлаяптийкин?..
Кейинги куни ўзимни тутишга, клиникамиздаги барча хизматчиларнинг ҳар доимгидай пухта ишлаши учун мен ўзимни ишлаётгандай қилиб кўрсатишга қанча куч сарф қилдим. Ҳамма нарса одатдагидай эди. Ходимлардан биронтаси ҳам менинг бошқа одам бўлиб қолганимни сезмади...
Мен ўз вақт-соатимни кутар эдим. Вақт эса машаққат билан секин ўтаётгандай туюлар эди менга...
Мен ҳамманинг кўз ўнгида эдим, ҳар доимгидай ўз бурчларимни адо этар эдим. Лекин бу энди мен эмас эдим...
Вақт эса мен учун машаққат билан секин ўтаётгандай эди...
Тайин қилинган соат яқинлашмоқда. Руна ҳадемай келиб қолади. Мана, мана... Лекин ҳамон олиб келишмади...
Яна чорак соат ўтди. Лекин ҳануз йўқ. Мен қўнғироқ қилишни ва машинанинг қачон йўлга чиққанини аниқлашни буюрдим. Котиба телефонда гаплашибди, унга машина ўз вақтида жўнаб кетган дейишибди.
Мен хавотирга туша бошладим. Нима бўлдийкин? Тўсатдан йўлда ҳалокатга учраган бўлса-я?
Соат учга яқинлашмоқда эди. Қачон келади? Мен ўзим қўнғироқ қила бошладим. Менга машинага бир нарса бўлган деб жавоб беришди. Шу пайтда котиба югуриб кириб келди. Ранги ўчиб кетган.
– Нима бўлди ўзи? — деб қичқираман.
– Мижозимиз вафот этибди!
– Қандай вафот этибди? Қайси мижоз экан?
– Биз кутаётган аёл. Ҳозиргина қўнғироқ қилишди.
– Ҳалокатга учрабдими?
– Йўқ. У қочган экан.
– Қочган экан? Кейин нима бўпти?
– Уни ўлдиришибди.
– ҳозир бориб, ҳаммасини айтиб берамиз дейишяпти.
– Ҳа, тунов куни мен берган йўлланмага кўра маҳкума Р. Ф. Лопатинани тайин қилинган вақтда клиникага етказиб келиш учун А-6-87 номерли машинада олиб кетишган.
Шаҳардан чиққандан кейин Москва дарёси қирғоғи яқинидаги ўрмон орасидан ўтаётганда маҳкума кўнглим айнияпти, бошқа юришга мажолим қолмади деб зорланади, машинани тўхтатиб тушишга имкон беришларини сўрайди, талаб қилади ва қайт қила бошлайди...
Тўхташга тўғри келади. Маҳкума машинадан тушади, йўлдан бир неча қадам нарига боради-да, югуриб ўрмон ичига кириб кетади. Соқчи аёл унинг орқасидан қува бошлайди. Маҳкумага “тўхта” деб буйруқ беради. Лекин у тўхтамайди. Соқчи “отиб ташлайман” деб огоҳлантириб, осмонга қаратиб икки марта ўқ узади. Ҳар қандай қилиб бўлса ҳам тирик тутиб олиш учун қуваверади. Бирдан Москва дарёсининг муюлишида тик қирғоқ чиқиб қолади, маҳкума чопган бўйича жарликдан ўзини сувга ташлайди. Соқчининг отишдан бошқа иложи қолмайди. Маҳкума ҳалок бўлади. Жасадини сувдан тортиб олишади...
Кейинчалик ўз-ўзимга: “У нима учун шундай қилди?” – деб савол бердим. Нега шундай қилди? Нима учун? Бу нима ўзи? Ноиложлик оқибатими? Қўрқоқликданми? Нафратланишданми? Душманликданми? Ёки бу норозиликнинг бир кўриниши эдими?
Бу саволларга ҳеч ким жавоб бера олмайди... Келди-ю кетди... У биз олиб борган эксперементларнинг биринчи қурбони бўлди.
То кеч киргунга қадар хонамдан ташқарига чиқмадим. Ичкаридан қулфлаб олиб ўтирдим. Менинг вужудимда нималар бўлаётганини ҳеч бир жон тасаввур ҳам қилолмасди. У шундай даҳшат билан менинг режаларимга халақит бермаганда эди! ҳайфки, у ҳалок бўлди, афсуски, у абадийликка кетди, кетганда ҳам менинг гапларимни эшитмай кетди, у чиндан ҳақ эди, фан ҳар қандай юксакликка кўтарилмасин, унинг ютуқлари ўткинчи, фан чексиз тараққий қилиши мумкин, лекин фан тараққиёти виждон олдида ҳеч нима эмас. Мангуликнинг мазмуни ва ривожини ўзида мужассамлаштирган Руҳ олдидан ҳамма нарса ўтаверсин.
Хонамда ўтириб ҳўнграб йиғладим. Атиги бир марта учратган аёлни эслаб зор-зор йиғладим... Усиз қолган умрим бахтсиз ўтишини кўз олдимга келтириб йиғладим...
Кечқурун йўлга чиқдим, бу даҳшатли ҳодиса бўлиб ўтган жойга, Москва дарёсининг ўрмон ортидаги муюлишига яқинлашганимда тўхтадим-да, орқага қайтдим. Бу ер у ҳалок бўлган жой эди, у худди ана шу ўрмондан қочиб ўтиб ўзини дарёга отган... Бошқа йўлдан кетдим.
Дунёда бирон ўлчов бормидики, менинг уйга келгандан кейин буткул ожизлигим, иложсизлигимни ўлчаб беролса! Бу менга юборилган жазо эмасмикин? Уйимда кечаси билан овозим борича дод солиб, ҳўнграб йиғлаб чиқдим. У энди йўқ. Менинг унга нима демоқчи бўлганимни у энди ҳеч қачон билмайди. У умрининг то охирги онларигача мени ўз илмий кашфиётларидан иксзурриётлар яратиш йўлида фойдаланган разил одам деб биларди... Виски ҳам ёрдам бермади, шишани кўтариб ичсам ҳам бўлмади. Мусиқа ёрдам берармикин, деган хаёлга бордим, лекин бундай мусиқа йўқ эди...

Ана шундай мусиқани орадан йиллар ўтгандан сўнг эшитдим, бу наво менинг дилимда умр бўйи мудраб ётган бўлса ажаб эмас. Япон денгизида пароходда кетяпман. Кечки пайт эди. Юлдузли осмон тагида қотиб турган қорамтир ороллар сирли жисмлар янглиғ Вақт билан Модданинг меваси ўлароқ денгиз тубидан боқиб тургандай. Ҳамма ёқда сокинлик, салқинлик... Кўз илғамас тўлқинларнинг пичирлаши қулоққа чалинади. Бизлар Нагоя шаҳрига конференцияга келган бир неча совет олими эдик. Шерикларим билан таржимонлар майхонада қолишди. Мен бўлсам кимсасиз сирли оролларга тўйиб-тўйиб боқиш учун кема саҳнида уёқдан-буёққа одимлардим. Қирғоқдаги чироқлар элас-элас кўринарди. Биз ана шу чироқлар томон бораётган эдик. Пароходда тинимсиз гумбурлаган рок-музикадан киши сесканиб сакраб тушганини ўзи ҳам сезмай қоларди... бирдан рок тиниб қолди. Дилкаш қўшиқ бошланди. Бу японча энка- лирика, севгилини қўмсаш, афсун ва англашилмовчилик, интизорлик ҳамда видолашув қўшиғи эди. Бирдан ўша жувон хаёлимга келди. У менинг ёнимда, эҳтимол, сал нарироқда, ҳу анави оролчада тургандай ва шу ашулани эшитаётгандай, менинг у ҳақда ўйлаётганимни сезиб тургандай.
Шундан сўнг мен ҳаммадан ва бутун борлиқдан узоқлашишим кераклигини тушундим...
Қайта қуриш йилларида иксзурриётлар етиштириш масаласига чек қўйилди. Горбачев ҳузурида бўлдим. Ярим йилдан сўнг космосга, орбитал станцияга йўл олдим. Ана шу ерда самовий роҳиб Филофей бўлиб олдим. Четдан қараганда бу жинниликдай туюлиши мумкин. Лекин ҳеч ҳам унақа эмас.
Менинг ўтмишим менга тинчлик бермайди, тинмай таъқиб қилади. Туғилиб бўлган ва энди вояга етиб келаётган, ота-онаси номаълум иксзурриётлар энди нима бўлади деган ва ҳал қилиб бўлмайдиган савол томоққа тиқилиб қолган сўнгакдай ҳеч кимга тинчлик бермайди. Уларнинг кимлардан бўлганлиги сир сақланганидан буни ҳеч ким билмайди. Тўғрироғи, бир неча киши – менинг собиқ ҳамкасабаларимгина билишади. Ана ўшалар мен ҳақимда: муртад, космосга қочиб қолди деб ўйлашлари мумкин. Лекин мени қийнаётган, мени ранжитаётган нарса уларнинг менга бўлган муносабати эмас. Менинг ўзимга лаънат ўқиётганимни, ўзимни разил мазохист деб, итвачча деб атаётганимни ҳеч ким билмайди! Мен Ерга тушсам-у бизнинг лабораториямизда ўтказилган тажрибалар натижасида дунёга келган гўдакларнинг кўзларига бир боқсам!... Нега энди бу ҳақда ёзяпман. Чунки биз қилган хатони тузатиб бўлмайди. Давлат мулки бўлиб туғилган одамлар нима бўлади охири? Улар эртасига ўзларининг ким эканликларини тушуниб олишади. Улар жамиятдан қандай қилиб ўч олишади? Вақти-соати келиб иксзурриётларда инсониятдан ўч олиш, тўнғиз қўпқир дунёсига ўт қўйишдек қатъий истак пайдо бўлмасмикин? Мен бу ерда, космосдаман, улар, иксзурриётлар эса ўша жойларда вояга етишяпти – шунинг ўзи даҳшатли. Бошқача сўз топиб бўлмайди. Мен уларнинг келажаги учун масъулиятни ўз гарданимга олган эмасман, фақат уларнинг туғилиши билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилганман, холос деб айтишим мумкин эди. Лекин бу важ бўлоладими?! Улар айбдорларни, қилғиликни қилиб, ҳамма нарсанинг пачаваси чиққандан сўнг қочиб қолганларни қаердан топишсин. Ҳатто ДХК ҳам хонавайрон бўлди. Эҳтимол, хонавайрон бўлмагандир... Ўлиб кетмайдими...”
Филофейнинг Тавба-тазарруси шу ерда узилиб қолган.

* * *
Тавба-тазаррунинг матни Энтони Юнгернинг қўлига қишнинг бошларида тегди. Бу Филофейдан келган охирги хабар эди.
У қиш куни эрта тонгда рулга ўтириб ёғаётган оппоқ қор парчаларига боқар экан, “Фавқулодда воқеа, ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаган ҳодиса”, деб ўйлади ачиниб. Юнгер Филофей Тавба-тазаррусининг кечаси ўқилган матни таъсирида эди.
Шуниси ғалатики, деб ўйлайди у, ҳеч ким бундай вафот этган эмас. Ҳозир сайёрамиздан ташқарида ўз жонига қасд қилган ягона одам – гўё коинотда мўмиёлангандай Филофей дунёмиз тепасида учиб юрибди. Ниҳоят сукунатда дунё билан муросага келди. Ва мана, у яна ўзи ҳақида хабар бераётир...
Бу қисматнинг сабоқ бўлиб қолишида қандайдир илоҳий мазмун бордир деб ўйлаш мумкин. Лекин бу сабоқ нақадар қимматга тушди!
Бироқ бундай йўлдан бориш ҳар доим жуда қимматга тушади. Бир замонлар абадийликка дахлдор сабоқ бўлиб ўтган – Голгоф тепалигида Ийсо алайҳиссаломнинг чормихга тортилиши инсониятга қимматга тушган. Ҳар нарсанинг баҳоси ўзгача. У ўз баҳосини космосда ҳисоб-китоб қилди.
Наҳотки, у космосда ҳам ўзининг чақалоқлигида болалар уйининг эшиги томон олиб кетаётган онасининг қор устида босган оёқ товушининг ғичирлашларини эшитаётган бўлса? Наҳотки у космосда ҳам ўзини охирги марта кўкрагига босиб кўтариб бораётган онаси юрагининг дукиллаб ураётганини эшитаётган бўлса?..
 
«Охирзамон нишоналари» романидаги
айрим сўзлар изоҳи

Апартеид – ирқий камситишнинг энг ашаддий шакли.
Аура (юнон тилида “шабада” демакдир) – одам танасидан ва ҳар қандай жонли организмдан узлуксиз чиқиб, ўзгариб ва ривожланиб турадиган билинар-билинмас нур. Аура инсон дунёга келиб, биринчи нафас олиши ва нафас чиқариши билан пайдо бўлиб, ҳаётида охирги марта нафас олиши ва нафас чиқариши билан сўнади. Шундай қилиб аура организмнинг космик энергия билан ўзаро таъсири маҳсулоти – одам организмида қайта ишланган ва акс этган космик энергия бўлиб одамнинг бутун баданини қамраб олган.
Ҳар бир одамнинг аураси шакли, зичлиги ва рангига ҳамда бошқа хусусиятларига кўра ўзгаларникидан фарҳ ҳилади. Ўта сезгир одамларда, ақлий ва маънавий жиҳатдан етук кишиларда, башоратчиларда, экстрасенсларда аура зичроқ ва ҳажман каттароқ бўлиб, у қадар ранг-баранг бўлмас экан. Кўзи боғлаб қўйилганда ҳам теварак-атрофдаги нарсаларни бемалол кўра оладиган аура “кўзли” одамлар бўлади. Кишининг ақлий ва жисмоний имкониятларига кўра, ташқаридан қараганда аура нурининг шакли турлича кўринар экан. Мутахассислар фотография ва компьютер ёрдамида аурани плёнкага олиб, моҳиятини аниқламоқдалар.
Юмалоқ шаклдаги аура энг яхши ҳисобланар экан. ҳар жиҳатдан баркамол, етук кишиларнинг аураси юмалоқ шаклда кўринар экан. Бошқалар ҳомийлигида бўлган ёки ўзи бировларни ҳимоя қила оладиган одамлар аураси учбурчак шаклида, экстрасенслар деб аталадиган ўта сезгир кишиларнинг аураси юлдуз шаклида бўлар экан.
Ауранинг қандай рангда эканлиги ҳам катта аҳамиятга эга. Ауранинг кўк (ҳаво ранг) бўлиши соғлиқ белгиси, тўқ сариқ аура кишининг дилкаш ва кўнгли очиқ эканлиги, оч қизил самимийлик ва жисмонан бақувватлилик, тўқ қизил ранг манманлик ва очкўзлик, оч сариқ ақллилик, оч яшил ранг яшовчанглик ва соғломлик, оч кулранг саломатликнинг яхши эмаслиги аломатларидар ва б.
Генотип – организмнинг тузилиши (конституцияси), ундаги генлар мажмуи.
Генофонд – инсоният ёки ҳайвонот дунёсидаги индивидларнинг генлар мажмуи.
Екклесиаст – Инжил ақидаларини тарғиб қилган, тафсирлаган олим.
Иксзурриёт – лабораторияда ундирилган уруғдан етиштирилган, ота-онаси номаълум бола [лотинча – икс “номаълум”, арабча зурриёт (бирлиги – зуррий) – “фарзандлар, авлод”].
Кассандра – юнон мифологиясида: Троя подшосининг қизи, соҳиббашорат, фолбин бўлган экан.
Коллизия – қарама-қарши фикрлар, ниятлар, манфаатларнинг тўқнашиши.
Мазохизм – жинсий бузуқлик: жинсий алоқада бўлган иккинчи шахснинг азоб-қийноқлар, ахлоқий хўрлик-таҳқирлари таъсирида шаҳвоний лаззат олиш. Ана шундай бузуқликларни тасвирлаб ёзган австриялик ёзувчи Л. Заходер-Мазох (1836 – 95) номи билан аталган.
Мутация – организмнинг генетик материали: хромосомалар ва генлардаги қайта қурилиш ва бузилишлар оқибатида организмнинг ирсий хусусиятларида рўй берган табиий ёки сунъий ўзгаришлар.
Некрофил – мурда билан жинсий алоқа қилишга мойил киши.
Нигилист – умумқабул қилинган қадриятлар: идеаллар, ахлоқий ҳамда маданий нормаларни ва ижтимоий ҳаётнинг бошқа шаклларини инкор этувчи шахс.
Парадигма – исботлаш, таққослаш учун тарихдан олинган мисол.
Пароксизм – қандайдир руҳий ҳаяжон, ҳиссиётнинг хуруж қилиши.
Пацифистлар – ҳар қандай урушни қоралайдиган, бу йўлда ҳаракат қиладиган шахслар.
Перископ – яширин жойда (масалан окопда) туриб теварак-атрофни кузатишга имкон берадиган асбоб.
Субстанция – объектив реаллик, ўз-ўзидан мавжуд бўлган хилқат.
Субстрат – барча жараёнлар ва ҳодисаларнинг умумий моддий негизи.
Трансцендентал қобилият – тажрибадан келиб чиқмаган, балки азалдан мавжуд эс-ҳуш, идрок.
Феминисткалар – эркак билан тенг ҳуқуқлик учун курашадиган аёллар.
Феномен – нодир ёки фавқулодда сийрак учрайдиган ҳодиса-воқеа; бирон соҳада бошқалардан тубдан ажралиб турадиган ўта истеъдодли одам.
Флюид – одамдан чиқадиган психик (руҳий) ток.
Футуролог – жамият тараққиёти ҳақида башорат қилувчи мутахассис.
Футурология – жамият тараққиётининг келажаги ҳақидаги таълимот.
Харизма – юнонча “худонинг туҳфаси, марҳамати” демакдир. Қадимги юнонлар барча соҳаларда катта ютуқларга эришадиган, обрўли, худонинг севган бандаларини шундай аташган. Бундай одамлар ўз олдиларига қўйган мақсадларининг фойдали ва тўғри эканлигига узил-кесил ишонч ҳосил қилгач катта илҳом билан иш кўрадилар ва бошқаларни ўзларига маҳлиё қилиб қўядилар, бундай шахслардан мислсиз саркардалар, ажойиб давлат арбоблари, буюк артистлар етишиб чиққан.
Харизмалик хусусиятини оҳанграбога – магнитга ўхшатиш мумкин: кучли магнитлар магнит майдони ёрдамида бир неча тонна юкни кўтара олади. Заифлари эса кичик бир гайкани ҳам торта олмайди.
Харизмалик хусусияти ҳаммада бўлар экан – бировларда камроқ, бошқаларда эса одамларни ҳанг-манг қилиб қўядиган даражада кучли бўлар экан.
Иш ҳаракатлари, гап-сўзлари, муомалалари билан бошқаларни оғзига қаратиб қўядиган, ром қиладиган, ўз касбини севадиган, завқ-шавқ билан ишлайдиган самимий кишилар – таксист бўладими, сотувчи бўладими, артист бўладими, ёзувчи бўладими – ана шундай харизматик инсонлардир.
Ҳар бир инсон ўзининг харизматик маҳоратини босқичма-босқич ошириб борса бўлар экан.
Эмбрион – пушт, ҳомила.

Qayd etilgan