XXI asr she'riyati: Iroda Umarova  ( 10739 marta o'qilgan) Chop etish

1 2 B


albatros  03 Dekabr 2013, 14:19:31

МУНОЖОТ


 Аё, Яратгувчим!
 Сенинг илтифотинг ила Ер-у Само барпо бўлди, ўн саккиз минг олам-у етти қат осмон бунёдланди. Шул пайдоликларни кўрсатиш учун, баҳраманд этиш учун, англатиш учун жонзотларинг ичра олий ва онгли хилқат – Инсонни ясадинг. Зуволасини тупроқдан қориб, шул одам шаклидаги тупроқ ичинда жиччагина жонни қудратли омонат қилиб қўйдинг, бутун вужудга қон айлантирадиган муштдай юракни жойладинг ва… ушбу юрак сарҳадларига КЎНГИЛ исмлик туйғулар тажассумини ҳоким сайладинг.
 Кўнгил бебош чиқди. Ақлга қарши уруш очиб, юракни оғритиб-яралаб, гоҳо ўзини-да аросатларга гирифтор этиб юргувчи чиқди. Туйғуларни бир-бирига гиж-гижлаб, гоҳ бир-бирига келиштиролмай озорланиб, улардан Меҳр ва Қаҳр, эзгулик ва Ёвузлик илдизлари нишланишига омил бўлиб чиқди.
 Аё, Қодир Тангрим!
 Инсонни яратдинг, инсон ичра кўнгилни яратдинг. Қудратинг ила кўнгил ҳам ўзини ўзи яратди. Кўнгил мангу собит бўлди – неники кечирса унутмади, унутолмади. Кўнгил турланувчан бўлди – туйғуларни либосдай алмаштираверди…
 Шунда сен илк бора илк бандаларинг Одам Ато ва Момо Ҳавога нисор этилмиш Муҳаббатга мурожаат қилдинг. Шундай қилдингки, инсон зотининг табиий эҳтиёжи қилиб яратилган муҳаббат Кўнгил эҳтиёжига айланди. Муҳаббат – фанодаги имтиҳонларингдан бири бўлди.
 Аё, Парвардигорим!
 Бу соҳир туйғу ўжар кўнгилни-да жодулади. Кўнгилни тахтдан тушириб, кўнгилнинг ўзидан тахт ясаб, ўзи ҳокимликка ўтирди. Шунда сен бу исёнкорингни ҳовуридан тушириш учун андиша, нафрат кабиларни унга тенглаб, балки устун қилиб қўйдинг. Андиша ақлдан, нафрат кўнгилдан бўлди.
 Инсон дунё ичра уч дунёга тақсимланди – ақл, кўнгил, муҳаббат…
 Аё, Раҳмон-у Қаҳҳорим!
 Минг шукурлар бўлсин, муҳаббатни абадий қилдинг. Биз қайсидир бандангни севиш орқали аввало сени севдик. Муҳаббат руҳимизни таҳоратли этди. Иймонимизни ухлаб ёхуд йўқолиб қолишга қўймади. Яхши-ёмонни, шоҳу гадони ажратиб-танлаб ўтирмаслиги билан барчамиз бир эканимизни, сенинг қошингда тенг эканимизни ёдимизда сақлаб турди. Ёмон бўлсак дилимизга эзгулик уруғини экди, яхши бўлсак янада яхшиликка ундади.
 Муҳаббат – энг олий инъомларинг, синовларинг, балки жазоларинг сафбошиси бўлди. Уни кимгадир фарзанддан, кимгадир ёрдан, кимгадир дўстдан, кимгадир бошқа бировдан бердинг – ҳадя айладинг, кимгадир кам-у кимгадир кўп бердинг – синадинг, кимгадир қай биринидир бермадинг – жазоладинг…
 Банданг бандангни ортиқ севиб, сени-да унутар даражада муҳаббатга сиғиниб қолса яхшими? Албатта, яхши эмас! Бу муҳаббат қанчалар самимий, кучли, зиною эҳтиросдан холи бўлмасин, сенинг ёдингни хиралаштиргани учун ҳам лаъинга мансубдир! Йиғлаб бўлса ҳам, нолиб-шикоят қилиб бўлса ҳам исмингни нажот умидида, тақдирга тан бериш фикрида зикр қилдирадиган муҳаббат – сеникидир!
 Аё, Бир-у Борим!
 Нурга соя, иссиққа совуқ, ўтга сув, кунга тун эгизак бу дунёда Муҳаббат дунёсининг садоқат-у хиёнати, алдов-у ишончи, сохталигу асллиги бўлиши табиий. Лекин… нега хиёнат, алдов, сохталиклар садоқат, ишонч, аслликка нисбатан кўп?! Нега поклигига фаришталаринг ҳам ҳавас қиладиган севги соҳиблари кўпинча армонга, ҳижронга маҳкум? Нега бахт муҳаббат билан келишиши қийин?
 Аслида, бахт фақат ёр васлидами? Йўқ… Бахт аввало унинг ўзимизда озми-кўпми борлигини англаш ва борини асраб-авайлашда. Унда, ўзимизда бор меҳр-муҳаббатни пайқаш, ўзгаларга яъни эгаларига нисор этмоғимиз лозим. Ахир, меҳр муҳаббатнинг дояси, меҳр ўзгалардан олиб, ўзимизда кўпайтириб, яна ўзгаларга тарқатиладиган хайрли эҳсон. Лекин… инсон нечтасини ёр айлаши мумкин, севгисини нечтасига бўлаклаши лозим?!
 Аё, Худойим!
 Тушундим… муҳаббат – сенинг олий омонатинг! У қалбга берилган , қалбда қолиши керак. Қалбда қолиш учун эса армон, ҳижрон каби таъсири зўр туйғулар керак. Зеро, бу дунёда барча шодликлар ўткинчи, қайғулар собитдир… Бу азиз туйғунинг охири бўлмаслиги керак. Шунинг учун ҳам уни армонга айлантирасан – асллигича асрайсан, оила қурганларнинг меҳрини фарзандларида бирлаштирасан – давом эттирасан…Муҳаббат эскилигини сақлаган ҳолда янгиланиб туришга муҳтож - у юракка кўмиладию, кўмилган жойида бошқатдан ниш уриб чиқади. Муҳаббатнинг ҳар бир юракда кимнингдир озори билан ўлиб, кимнингдир ташрифи билан тирилиб яшайвериши ҳам шунданмикан?..
 Аё, Раббим!
 Бу – юрагимдан бармоқларимга қуйилиб, бармоқларимга қаламни тутқазиб, қаламни қоғозга энгаштириб, ҳарф ва сатрлар элчилигида айтмишларим на шубҳа, на эътироз, на сўроқ. Фақат ва фақат сенга сиғинчим, соғинчим, илинжим… Бу – сенинг бандаларингга бағишлаган туйғулар аро энг чиройлисини басталаб қилган муножотимдир.

 Ирода УМАРОВА

Qayd etilgan


albatros  20 Dekabr 2013, 16:16:50

YIG’LAB TUR

Yig’lab tur gohida, bag’ridan ko’zyosh
Sizmagan yuraklar do’nar sahroga.
Yig’lab tur,  dunyoga etilmasa fosh
U durlar aylanar zahar-zardobga.

Yig’lab tur, kamayar anduhlar vazni,
Har yig’lagan bo’lmas alamli, g’arib.
Sеvinchga qorishsa xo’rsiniq-sasing,
Iymoning ochilib borar tozarib.

Yig’lab tur, tuyganing sarin mahzunlik -
Faqat bandaga xos halovatidir.
Tuz – rizqdan, taft – nurdan, suv-chi ezgulik,
Yig’i – ko’zlarimiz tahoratidir.
                                                   
Iroda UMAROVA
2013 yil

Qayd etilgan