Muallif Mavzu: Zulfiya. Tong bilan shom aro (saylanma)  ( 26411 marta o'qilgan)

0 Foydalanuvchilar va 1 Mehmon ushbu mavzuni kuzatishmoqda.

AbdulAziz

  • Forum Administratori
  • Mega Member
  • *******
  • Rahmat
  • -aytdi: 6942
  • -oldi: 12023
  • Xabarlar: 20359
  • Jins: Erkak
  • Sevelim, sevilelim. Yunus Emre
    • Ziyo Uz
Zulfiya. Tong bilan shom aro (saylanma)
« : 21 Dekabr 2008, 08:58:54 »
Tong bilan shom aro. Zulfiya



Muallif: Zulfiya
Hajmi: 829 Kb
Fayl tipi: pdf, zip
Saqlab olish
Online o'qish
« So'nggi tahrir: 28 Yanvar 2012, 11:07:46 muallifi AbdulAziz »
Ilm o'rganish - Allohdan qo'rqish, uni talab qilish - ibodat, izlash - jihod, bilmaganga o'rgatish - sadaqa, uni o'z ahliga o'rgatish - Allohga qurbatdir. Ilm - tanholikda hamroh, hilvatda - do'st, to'g'ri yo'l ko'rsatuvchi - dalil, begonlar oldida - eng sodiq do'st, Jannat yo'lining minorasidir.
Hazrati Umar ibn Hattob r.a.

ЖАМШИДЖОН

  • Hero Member
  • *****
  • Rahmat
  • -aytdi: 31
  • -oldi: 398
  • Xabarlar: 945
  • Jins: Erkak
  • Assalomu aleykum!!!
    • FORUM.ZIYOUZ.COM
Re: Tong bilan shom aro (saylanma). Zulfiya
« Javob #1 : 03 Oktyabr 2009, 17:23:30 »
Зулфия

Тонг билан шом аро

Сайланма


Ҳамон эътиқодим ҳақиқат, ҳақдир.
Сўзлайман, юзимни тутиб Каъбага,
Емира олмайди ўткинчи тақдир,
Осуда ўтади руҳим абадга.

Эъзозлар, ардоғлар учун ташаккур
Асли Сиз офтобим, мен зиёсиман.
Тонгларингиз кулсин дориломон, ҳур,
Бахтим шул - ўзбекнинг Зулфиясимаи.

«ШАРҚ«
Тошкент — 2006



Халіимга айтар сґзларим

Ўзинг ташна этдинг, ўзинг сув тутдинг,
Қалбимдаги саҳром, дарёмсан, халқим!
Сени сева-сева мен бойиб кетдим,
Дунё ичра топган дунёмсан, халқим!

Юрак чақмоқ теккан осмон юзидай,
Лекин эътиқодим, иймоним бутун,
Умримда қилганим озми-кўпимдан,
Меҳрим дарёсидан серобман бу кун.

Менга Навоийдан айтинг алла деб,
Лутфийдан онгимга зиё таратдинг,
Қийналган оламга бўлгин далда деб
Асли ўзинг мени шоир яратдинг...

Ёш шуур, курашчан туйғулар билан
Сенинг тақдирингга маҳкам туташдим,
Не-не ғанимлар-ла курашганинг он
Кўпнинг бири бўлиб малҳамга шошдим.

Сарғайган даштларга бердинг яшил қон,
Тупроқ тепаларда шаҳар кўтардинг:
Ҳар бир ғалабангни кўрган суюк он
Дилдаги ўз ғамим куйи чўкарди.

Йўл юрдим, соғиндим, тўкилди байтим
Хорижнинг шомлари, саҳарларида,
Эзгу истакларинг жаранглаб айтдим
Осиё, Африка минбарларида.

Пахта хирмонининг ўсди бўйлари,
Таниди, тан олди яқину йироқ
Ғурурдан денгиздай тўлиб куйладим,
Толелар тиладим бундан ёрқинроқ.

Мактублар ёздинг сен, мактублар битдим,
Гоҳ кўзга нам қалқиб, гоҳида хушбахт.
Шеър билан, сўз билан қалбингга етдим,
Ўша қалб мен учун энг шарафли тахт.

Кўзим устидасан бу туғёнли дам,
Сен билан такдирдош кундузли бўлдим.
Сени деб сийлади Умр, азиз Ватан
Эъзозли бўлдим мен, юлдузли бўлдим.

Ҳали бор олдимда ўтмаган бурчим,
Ўтайман кўзимда тирик турса нур.
Умримдаги барча фасллар учун
Ўзига бек халқим, Сенга ташаккур.
1985


 
Бахтиёр
севгини
куйларди созим



Муµаббат тонги кулганда

Оқшом эди, ойдин кўприкда
Барно қизу йигит турарди,
Ойни кутган оқшомги кўкда
Бешик-бешик булут юрарди.

Булутларнинг ёриб қучоғин,
Ой кўрсатди олмос юзини.
Мағрур ташлаб ерга нигоҳин,
Тинглаб қолди йигит сўзини.

«Хоҳи инон, хоҳи инонма,
Сенинг севгинг қилмоқда шайдо.
Бундай ёниш бегона жонда
Бир ўчмас ўт бўлибди пайдо!»

Ой сузади, ел сари майин,
Икки қалбни ёқар бир оташ.
Ёниқ дилнинг бахтиёр найин,
Ютмоқ бўлур сукут жафокаш.

Йигит севги тонгини кутар,
Қиз кўзидай қуюлади тун.
Лекин узун киприклар ўта —
Ярқирайди бахтга тўла кун.

«У бир ўтки, сени кўрмасам
Изтиробга солар жисмимни,
Лол қоламан — ахтариб топсам,
Унутаман ҳатто исмимни.

Хоҳ инонгин, инонма хоҳи,
Хаёлимда кезасан ёлғиз.
Мени севгин!»
Йигит нигоҳи
Севги тилар — сукут қилар қиз.

Оппоқ паға булут устида
Ҳайрон сузар кекса ойсулув.
Юлдузларни қучиб кўксида,
Анҳор тўлиб жўшиб оқар сув.

Шу чоққача ишқин қиз фақат,
Дилдан сўраб айтганди дилга.
Илк, мусаффо, катта муҳаббат
Қиз дилидан келмасди тилга.

Ҳозир юрак бир нигоҳ бўлиб,
Боққан эди йигит кўзига.
Оқшом оғушига нур тўлиб,
Тонг кулгандай бўлди юзига.

Елда қўшиқ, кўприкда шуъла,
Бахт-ла тепди икки ёш юрак...
Ой сўзлади юлдузни тўплаб,
Севги тонги ҳақида эртак.
1936


Сенинг мафтунинг

Яхшики йигитда эр юраги бор,
У севса ҳеч қачон ёнмас яширин.
Севгинг тўғрисида ўзинг очдинг сўз,
Эй кўзи қоп-қора, сўзлари ширин!

Менинг севганимни ҳали билмасдинг,
Танҳо ўртанишдан мен олдим лаззат.
Дилимни кемирган муҳаббат сирин,
Ўзим ардоқладим, ҳам қилдим иззат.

Қалбимга ёзилган муҳаббат сўзи,
Ўйимни чулғади менинг ҳар минут,
Лекин ишондимки, сен сўз очмасанг,
Шу дардда ўлсам ҳам этаман сукут.

Ҳатто билмас эдим севармидинг сен,
Балки севганингдир бир бахтиёр қиз.
Балки хаёлингдан мен беҳад йироқ,
Аммо сен дилимда кеча-ю кундуз.

Фақат ўйладимки, уятдир қизга
Йигитга севгисин айласа изҳор.
Бу — доғ солар дедим қизнинг ҳуснига,
Энди иложим йўқ бўлмайин иқрор.

Узоқ мен ахтардим, аммо ўзимда
Бир куч тополмадим севгидан устун!
Мен сени севаман, сеҳргар йигит,
Бутун борлиғим-ла мен сенга мафтун.
1942


Сой кечаси

Тоғ ортидан кўтарилди ой,
Сўлим қирғоқ нур-ла ўпишди.
Кўзгу бўлди жимжит оққан сой,
Ойнинг акси сувларни қучди.

Сойми ёки шаббода олди
Менинг кўзимдаги уйқуни?
Ой ёримни ёдимга солди,
Дилда тошди севги тўлқини.
1943


Фарзанд

Нега севмай, эркалаб ўпмай,
Нечун демай уни ҳаётим?
Нега демай кўзимнинг нури,
Сўзлаганда қандим, новвотим?

Ширин экан фарзанд, у билан
Оилага кирар экан жон.
Кўзи кўзга тушиши билан
Меҳри балқир экан бепоён.

Иқбол бўлиб кўзинг олдида,
Кундан кунга топаркан камол,
Не бахт, тоза ҳаёт боғингда
Ўсса тоза, бебаҳо ниҳол.

У бор ерда қайғу ва ҳасрат
Ҳаётингга бегона экан.
Қани айтинг, фарзанддан қиммат
Бу дунёда нима бор экан?

О... фарзандим, кўзим нурисан,
Менга сендай бўла олур ким?
Сен ҳаётим, сени кўраркан,
Дилда беҳад жўшади меҳрим.

Қора кўзларингга қарайман,
Унда борлиқ бўлар намоён.
Менинг бахтим ёрқин, бегумон
Жилваланиб кўринар аён.

Ширин сўзинг, чексиз меҳринг бор,
Қилиғингда бир олам ором,
Сен билан дил чиройли гулзор,
Қўшиғимга туганмас илҳом.

Сен ўс — соғлом, беқайғу, эркам,
Муҳаббатим бошингга соя,
Мен бахтиёр алла айтайин,
Қўшиқларим кўп, бениҳоя.

Кўз ёш нима, сен билма зинҳор,
Сенга порлоқ тилайман иқбол,
Бу дунёда на яхшики бор
Сенга, қўзим, сенга бўлсин, ол!
1943



Олтин куз

Севаман, олтин куз, севаман жондан,
Атлас табиатли гўзал чоғингни.
Дарахтлар либоси ранго-ранг, гулгун,
Кўзни эркалаган чаман боғингни.

Севаман, ерларга рангдор япроқлар,
Юмшоқ ва ранг-баранг гилам тўшаса,
Гул тергандай териб барг қизалоқлар,
Қушлардай гурпанглаб яйраб ўйнаса.

Далада пахталар кумуши порлаб,
Момиқ юзларини қуёшга тутса,
Теримчи чечанлар этаклаб, қоплаб
Тоғдай хирмонларга келтириб тўкса —

Мен беҳад севаман! Енгим шимариб,
Қизлар орқасидан юраман мен ҳам.
Кенг водий қўйнида кўксим қабариб,
Яйрайман, нашъага тўламан бу дам.

Симоб тўлқинлари тутиб осмонни,
Муттасил ёмғирлар зериктирса ҳам,
Кумуш булокдарнинг сувлари сокин,
Қушлар инларига кириб олса ҳам.

Мен ғамгин боқмайман, кўнглимда баҳор,
Олтин япроқларга қараб толмайман.
Ясан келинчакдай ҳар бир дарахтни
Севаман! Нигоҳим уза олмайман.

Булут чодирини йиртиб, мўралаб,
Чиқса қуёш, кўкка бўламан мафтун,
Севаман нурларда пати ялтираб,
Оппоқ кабутарлар қилсалар ўйин.

Тўзони ювилган барглар шамолда,
Рангини кўз-кўзлаб қилганда ҳузур,
Ҳозир тинган ёмғир томчиларида,
Олтин япроқларда ёниб тоза нур —

Гавҳар маржон каби ялтираб турса,
Мени ҳам ўрайди шеърий ҳаяжон!
Қуёшни қаршилаб чиқиб айвонга,
Нурларга кўмилиб юраман шодон.

Севаман олтин куз, севаман жондан!
Товусдай безанган дарахт, боғларни!
Ёмғирли оқшоминг, қуёшли тонгинг,
Хаёлга чўмганим гўзал онларни!
1943


Тун

Тоғ ортига ўтиб кетди кун,
Секин чўкди тоза, салқин тун...

Мен дераза очганим чорбоғ,
Сокин ухлар тун кўрпасида.
Майин қўшиқ ёйилар ҳар ён,
Эсиб ўтган ел шарпасида.

Сув оқади аллалаб тунни,
Ҳамма ухлар, уйда мен уйғоқ,
Парча қоғоз, кичик бир қалам,
Бошим узра порлайди чироқ.

Тунда қанча хаёл, қанча куй,
Мен берилиб қулоқ соламан.
Сўз тополмай ифодасига,
Ранг ахтариб шошиб қоламан.

Соф ел эсар... Парвона учар,
Чироқ атрофида ўгрилиб,
Ўзин уриб парт бўлади-ю,
Столимга тушади келиб.

Мен ёзаман, юлдузлар ўтар,
Ҳар бириси сўйлар бир эртак.
Мана, Ҳулкар қаршимда чақнар,
Ёрқин тонгдан келтириб дарак.

Тун ўтади, яна чорбоғдан
Кўтарилар саҳарги туман.
Мен-чи, аста чироқ сўндириб,
Отаётган тонгаи кутаман.

Кўзларимда эриб кетди тун,
Ёйилмоқда ёрқин жувон кун...
1944


* * *

Дейдиларки, сени кўрганда
Кўзларимда ёнар жонли ўт,
Ўша ўтнинг ёлқинларида
Сендан ўзга бор нарса унут.

Мудом дилга содиқ кўзларим
Ҳақиқатни кўмиши қийин.
Кўзларимда, қонимда кезган
Ўша севинч, ўша олов сен.

Майли, ўзинг мендан узоқда,
Лекин дилнинг ўти бўлиб қол.
Менинг куйим эмас тузокда,
Шеър керакми, жон керакми, ол!
1944




Кечир, іолдим Іафлатда

Сени бирдан жонсиз кўрдим,
Жоним чиқди менинг-да.
Эс-ҳушимдан ажраб турдим,
Туйғум кетди сенинг-ла.

Кошки эди, мен бошингда
Турган бўлсам ўша дам.
Кирмасмидим мен қонингга,
Бермасмидим жонни ҳам.

Ажал деган бешафқатга
Кошки отсам ишқимни,
Тўлдирсам ҳам кўкни додга,
Сақласам мен бахтимни.

Кошки эди, сўнг қўлингда
Эркаланиб берсам жон.
Сўнгги нигоҳ сенда қолса,
Мен кўз юмсам беармон...

Яшаш сенинг ҳаққинг дедим,
Кечир, қолдим ғафлатда.
Йўқ эди-ку бўлмоқ маҳрум
Бизнинг илк мунис аҳдда?
1944


Биз тонгни севган-чун

Тинчгина тонг отар. Чиқади қуёш,
Кўм-кўк майсаларда ялтирар шабнам.
Осмон ҳам тип-тиниқ, еллар мусаффо,
Эркин нафас олиб уйғонар эл ҳам.

Биз тонгни севамиз — алвон рангида
Кураш қурбонларин яшайди хуни.
Қон бериб, жон бериб бутун жаҳонда
Дастлаб қаршилаган биз бўлдик уни.

Биз тонгни севган-чун, уни қаршилаб
Ҳар кун зафар билан кўтарилар қад,
Шу тонг тиниқлигин сақлар муқадлас
Қудрат, севгимиздан яратилган сад.

Бу чексиз севгида, қудратимизда
Шонли оталарнинг ҳиссаси улкан,
Шунинг-чун тинч меҳнат шиори билан
Балқиб юксалади жонажон ўлкам.

Биз тонгаи.севган-чун, соф кўкимизга
Уфқдан ўтолмас зулмат дудлари,
Шу эркин тебранган майсалар дамин
Бўғолмас порохнинг заҳар ҳидлари.

Онадай ардоқлаб, боладай севиб
Сақлаймиз тупроқни, шарафни, донгни,
Ўткир кўзимизни уфқдан узмай
Ҳар кун қаршилаймиз сафобахш тонгни.
1947

 
Ґижрон
кунларида

* * *

Бахтиёр севгини куйларди созим,
Ўлим ханжарига тегди-ю синди.
Ҳижрон фарёдидай совуқ овозим,
Наҳот, лириканинг ёлқини тинди?
1944


Юлдуз

Уйда бўғилдиму чиқдим эшикка,
Ер устига чўккан оқшомги туман,
Гўё кўзларимга боққандай тикка
Яшнарди бир юлдуз худди сенсимон.

Худди сендай узоқ ва сендай ёрқин,
Авжи чақнаганда сўнади у ҳам,
Бир юпанч: севгимнинг осмонидан
Ўчмасдан ёнасан, эй гўзал ҳамдам!
1944

   
   Баµор келди сени сґроілаб…

Салқин саҳарларда, бодом гулида,
Бинафша лабида, ерларда баҳор.
Қушларнинг парвози, елларнинг нози,
Бахмал водийларда, қирларда баҳор...

Қанча севар эдинг, бағрим, баҳорни,
Ўрик гулларининг эдинг мафтуни.
Ҳар уйғонган куртак ҳаёт берган каби
Кўзларингга суртиб ўпардинг уни.

Мана қимматлигим, яна баҳор келиб,
Сени излаб юрди, кезди сарсари.
Қишнинг ёқасидан тутиб сўради сени,
Ул ҳам ёш тўкди-ю, чекинди нари.

Сени излар экан, бўлиб шаббода,
Сен юрган боғларни қидириб чиқди.
Ёзиб кўрсатай деб ҳусн-кўркини,
Яшил япроқларни қидириб чиқди.

Топмай, сабри тугаб бўрон бўлди-ю,
Жарликларга олиб кетди бошини.
Фарҳод тоғларидан дарагинг излаб,
Сойларга қулатди тоғнинг тошини.

Қирларга илк чиққан қўйчивонлардан
Қайда шоир, дея айлади сўроқ.
Барида сукунат, маъюслик кўриб,
Ҳориб-чарчаб келди, тоқатлари тоқ...

Сўнгра жило бўлиб кирди ётоғимга,
Ҳулкар ва Омоннинг ўпди юзидан.
Сингиб ёш куйдирган заъфар ёноғимга
Секин хабар берди менга ўзидан.

Лекин ётоғимда сени тополмай,
Бир нуқтада қолди узоқ тикилиб.
Яна ел бўлди-ю, кезиб сарсари,
Мендан сўрай кетди қалбимни тилиб:

«Қани мен келганда кулиб қаршилаб,
Қўшиғи мавжланиб бир дарё оққан?
«Бахтим борми дея, яккаш сўроқлаб»
Мени шеърга ўраб суқланиб боққан?

Ўрик гулларига тўнмайди нега,
Елда ҳилпиратиб жингала сочин?
Нега мен келтирган шўх нашидага
Пешвоз чиқмайди у ёзиб қулочин?

Қандай ишққа тўлиб боқарди тонгга,
Камол топтирарди кенг хаёлимни.
Унинг рангдор, жозиб қўшиғида
Мудом кўрар эдим ўз жамолимни.

Қани ўша куйчи, хаёлчан йигит?
Нечун кўзингда ёш, туриб қолдинг лол.
Нечун қора либос, сочларингда оқ,
Нечун бу кўкламда сен паришонҳол?»

Қандай жавоб айтай, лолдир тилларим.
Баридан тутдим-у, келдим қошингга.
У ҳам ғаминг билан кезди афтода,
Боқиб туролмайин қабринг тошига.

Аламда тутоқиб дарахтга кўчди,
Куртакни уйғотиб сўйлади ғамнок.
Сенинг ёдинг билан елиб беқарор,
Гуллар ғунчасини этди чок-чок.

Гулу райҳонларнинг таралди атри,
Самони қоплади майин бир қўшиқ.
Бу қўшиқ нақадар ошно, яқин,
Нақадар ҳаётбахш, оташга тўлиқ.

Баҳорга бурканган сен севган элда,
Овозинг янгради жўшқин, забардаст.
Ўлмаган экансан, жоним, сен ҳаёт,
Мен ҳам ҳали сенсиз олмадим нафас.

Ҳижронинг қалбимда, созинг қўлимда,
Ҳаётни куйлайман, чекинар алам,
Тунлар тушимдасан, кундуз ёдимда,
Мен ҳаёт эканман, ҳаётсан сен ҳам!
1945


Не балога этдинг мубтало

Ўтди ойлар ғам билан оқиб,
Дил топмади зарра тасалло.
Фироқингда қолдим тутоқиб,
Не балога этдинг мубтало!

Кўз очгани қўймайди алам,
Бошим қўйсам куйдирар болиш.
Юпатолмас китоб ва қалам,
Мисраларим кўтарар нолиш.

Наҳот шунча маъсум, шундай пок
Севишмоқда алам бор шунча?
Бардош бермас ирода, идрок,
Тамоман лол ақл, тушунча.

Тоғдай бор деб билган юрагим
Қуш бошича қолмади чоғи?
Ғамни енгарман деган сарим
Яна ортар алами, доғи.

Эриб кетмагандим севгингдан,
Бўлмаслик-чун бахтингдан жудо,
Бирга қолиш учун сен билан
Куяману, бўлмайман адо.
1945


Кґрганмидинг кґзларимда ёш?

Соғинганда излаб бир нишон,
Қабринг томон олар эдим йўл.
Келтирардинг менга бир замон,
Энди ҳар чоғ мен элтаман гул.

Келдим. Узоқ қолдим мен сокин,
Сенинг азиз бошингда ёлғиз,
Осмон тиниқ эди ва локин,
Парча булут етиб келиб тез,

Кўкда менинг бошимда туриб
Гўё юрагимдай қалқди у.
Кўзимдаги ёшимни кўриб
У ҳам тўкди ёшини дув-дув.

Биз йиғладик тепангда шу кун,
Келдингми, деб кўтармадинг бош.
Айт-чи, сен-ла бахтиёр онлар,
Кўрганмидинг кўзимда бир ёш?
1945


Сен іайдасан, юрагим

Қалб бўлганда йироқда
Ирода экан ожиз.
Дўстлар ҳам кўп атрофда,
Аммо мен якка-ёлғиз...

Бирдан қалбим кексариб,
Қон ҳам қочди юзимдан.
Сен, сирдошни ахтариб,
Хаёл кетар изингдан.

Қайга кетдинг юрагим,
Битди бардош ва тоқат.
Суҳбатингдир тилагим,
Дилда ҳасратим қат-қат.

Кўпдир айтажак сўзим,
Ўгитларингга зормен,
Йиғлайсан деб дўстларим
Таъна қилар. Нетай мен?

Совуш бермайди менга,
Ёқиб кетганинг олов.
Нетай, етмайман сенга,
Ўртага ташланган ғов.

Ишққа маскан юрагим,
Топиб бер, деб қистайди.
Нима қилай, бераҳм —
Руҳим сени истайди.
1945


Ґаёт жилоси

Яна йилдай узун бўлди тун,
Кўзларимга келмади уйқу.
Турли хаёл чулғаб ўйимни,
Ўтдай ёқди бошимни парқув.

Тўшагимда кучсиз ва ҳорғин
Тўниб ётдим хаёлга ботиб,
Девордаги гардиш палакка
Шуъла тушди куюндай оқиб.

Сўйламади юпанчли сўзлар,
Одатдаги дўстлар сингари.
Аммо енгил тортиб нафасим,
Назаримда ғам кетди нари.

Уйга кирган ҳаётбахш жило,
Ташга боқ, деб қилгандай хитоб.
Кўтарилиб дарчадан боқдим,
Оғушига олди офтоб.

Қарадиму, кўзимни ортиқ
Узолмадим тирик ҳаётдан.
Созим, қалбим, қўшиғим билан
Мафтун бўлдим мен қайта, бошдан.

Ана, қушлар қанотида нур,
Нур-ла ўйнар баргдаги шабнам.
Шу гиёҳдай, эй азиз офтоб,
Интиламан сен томон мен ҳам.
1946

¤рик гуллаганда

«Теразамнинг олдида бир туп
Ўрик оппоқ бўлиб гуллади...»
Гулни кўриб ишқпараст қалбим,
Минг айтилган дарддан куйлади.

Сени қўмсаб оқшом чоғида
Ҳижрон қўшар экан ҳарорат.
Ўлгудайин муштоқ бўлибман —
Висолингга, йўқ чоғи тоқат.

Сени қўмсаб оқшом чоғида
Кириб келдим шу таниш уйга.
Биз бир чоқлар яшаган уйда
Тунаб қолдим хаёл-ла бирга.

Бунча иссиқ, бунча ҳам шинам
Ёшлик кечган торгина шу жой.
Бунда яшар ажиб онлардан,
Ишқ-ла ўтган тунлардан чирой.

Ҳар бурчаги элитар ҳушим,
Нақадарлик ошно, яқин.
Худди тунда камолга етган
Қўшиғингда чақнаган чақин.

Бунда ҳаёт — илҳом онлари
Қаламингдан тўкилган гавҳар.
Гул бўйини олганда шамол
Рашкка тўлиб тўнган у кўзлар.

Сен тугатгач чанқоқлик билан
Ўқиб мафтун бўлганим ҳаёт.
«Қалай деган» бўлиб термулган
Кўзларингнинг оташи ҳаёт.

Ҳали ҳаёт, такрор ўқиркан
Завққа тўлиб яйраган кўксим.
Юзингдаги улуғвор, майин,
Бир жаҳонга арзир табассум.

Бари ҳаёт, муҳаббат каби,
Ҳамма ерда кўринар изинг.
Паррандалар нағма куйида
Жаранглайди товушинг, сўзинг.

Мени ўраб олди ҳаяжон,
Яна ортди севгининг кучи.
Шарқ қизариб, чиқмоқда қуёш,
Олтинланди теракнинг учи.

Сен куйлаган ўрик шу кеча
Бурканди оқ — оппоқ чечакка.
Мен қадрдон хотира билан
Жўнаб кетдим уйимга якка.
1947


СоІинганда

Қанча бўлди кўрмаганимга,
Эй қалбимнинг дилбари шоир!
Қанча бўлди бирга ўлтириб,
Сўзлашмадик дилларга доир.

Дил-чи, дилим унутиб бўлмас
Ишқ қўшиғи ёзилган китоб.
Хаёл хиёл чертиб ўтдими —
Топиб бер деб қилади хитоб.

Иккимизга маълум бир қудрат
Йиллар ўта сенга тортади.
Унутайин дейману, фақат
Дилда унинг ўти ортади.

Ҳам табиат, ҳам дўст, ҳам рақиб,
Барчасини қолдириб доғда,
Кўришсак-у, яна тирилса
Ўша ўлган бўса дудоғда.

Юрагимнинг шоҳи деб сени,
Майли, бу гал ўзим тиз чўксам.
Ҳузурингда бахтдан тебраниб,
Ишқ ва соғинч ёшини тўксам.
1950


* * *

Бу ҳаётнинг ҳамма тоза, чиройли дами,
Азиз дўстим, мудом сени эсга солади.
Кўзлар амри, юрак эрки, жўшқин ҳис билан
Кеча-кундуз жанг қилмоқдан ақлим толади.

Фақат дилга ошно бўлган ажойиб дамлар,
Туйғуларнинг зид хоҳиши берганда алам,
Кўкракларни тўлдирганда ором ва озор
Бахтсизмидик? Наҳот унут бўлар ўша дам?
1954


   Ґайкал

(Тошкент дбласть, Оққўрғон районидаги Ҳамид Олимжон номли колхозда шоирга ҳайкал қўйилди)

Бу ерда шоирга қўйилди ҳайкал,
Инсон заковати, ақли, меҳри бу!
Кекса табиатга берилган сайқал,
Шеърият қудрати, санъат сеҳри бу.

Боқ, деб, қуёш, юлдуз, тоғ, далаларга,
Ўлим йиқитганин кўтарди халқи.
Энди мен ҳам фарзанд, невараларга
Кўрсата оламан тоғдек тик қаддин.

Ана, юзда илҳом, қўлида қоғоз,
Ҳозир водий кезиб қўшиқ битгудай,
Сўзларига қайта берганга парвоз,
Ҳаёт-чун таъзимни достон этгудай.

Ассалом! Айт, кимга бошимни эгай,
Кимларнинг қўлини суртай кўзимга,
Чорак аср ўта келиб тирикдай,
Боқиб турганинг-чун сўлғун юзимга.

Қанча бизга сени қўймасдан яқин,
Ўртамизда ётган ҳижрон тошини
Олиб ташлаб: сени гўё бир чақин,
Гўё нон, гўё сув, шеърдай, ёрқин.
Дурдай кўтардилар азиз бошингни.

Бир улкан қалбдайсан, мард, алп сиёқли
Йиллар қаритмапти, ҳамон кўркам, ёш,
Қанча кўрмаганинг тирик ҳаётни
Ёзиб ҳар юракка солгудай қуёш.

Бу — кафтда кўтарган яшнаган тупроқ
Сенинг номингдаги колхоз аталур.
Бунда шеърдай меҳнат талаб ҳар чаноқ,
Ҳар кун янги шодлик, бахт яратилур.

Сен бунда меҳмонмас, азиз фарзандсан,
Сафарбар суръатга тирик эмакдош,
Қанча жилд ва қанча минглаб варақдан
Чиқиб, тер тўкасан — деҳқонга йўлдош.

Сени бир кўрмаган, эшитмаган ҳам
Бунда сенсиз шонин этмайди баён,
Шуҳратни ўйламай, тебранган қалам,
Авлодга хизматдан қолмас ҳеч қачон.

Мағрур кўтарилдинг бошоқдай ўсиб,
Сен билан сафимиз яна зич, азим.
Мангулик-чун такдир, шеъримни тутиб
Халқингга ва сенга қиламан таъзим.
1968


Сенсиз

Мана бир умрни яшадим сенсиз,
Қайтмас шодликларнинг қайтишин кутиб,
Тобутинг бошида чўкканимда тиз,
Фарзандлар кўтарди қўлимдан тутиб.

Шундан бери тикман. Ҳар нега қалқон,
Бахтга, баҳорга ҳам, қишга, қайғуга,
Биров азасида йиғлайман қон-қон,
Тўйида яйрайман ўхшаб оҳуга.

Лекин қолганимда қалбим-ла танҳо,
Туйғулар зорига солганда қулоқ,
Ўзни заиф, чанқоқ сезганда гоҳо,
Аламдан бераман жавобсиз сўроқ:
Тирик экан нега ташлаб кетмадинг?

Мендан нафисроқнинг ҳуснига ошиқ,
Мендан ёниқроғи тортмади сани,
Эди нигоҳингга бор жаннат очиқ.
Сени мажнун этиб бир ер гўзали
Нега мени ташлаб кетавермадинг?

Тирик айрилишнинг доғи оғирмиш,
Хўрлик кемирармиш умрни чайнаб!
Бу — мудҳиш эговга берардим туриш,
Кетсанг ҳам менга жон туйғунгдан айнаб.

Билардим, қайдадир оласан нафас,
Мураккаб бу дунё сен-чун ҳам тирик.
Сенга ёт — ношудлик, тунд руҳлик, қафас,
Бугунги қадаминг кечадан йирик,
Нега, нега мени ташлаб кетмадинг?

Биламан, рашк мени этарди ҳалок,
Афзал кўрганингни қарғаб ўтардим,
Изингдан юрмасдим соядай ғамнок,
Лекин ишқ ҳаққи-ла мағрур кутардим.

Ҳаётда мен учун қолардинг тирик,
Қаламинг муждасин кутардим муштоқ...
Маъюс такдирингга яшаб мен шерик,
Мушкул бўлаётир шодлик яратмоқ.
Нега тирик экан ташлаб кетмадинг,
Ташлаб кетмадинг-а, бошлаб кетмадинг?!
1970


Келин тушди

Қўшнимиз уйига тушмакда келин,
Ҳовлию кўчани забт этган карнай.
Пайвандлаб бир куйга икки ёш дилин,
Қадим-қадимлардан келиб куйлар най.

Сурнай гоҳ наво-ю, гоҳ ҳинд наъмасин,
Неки бор — янгратар қай куй бўлса урф...
Бизнинг ҳовлида ҳам тўйнинг нафаси,
Менинг дилимда ҳам баҳор урди қулф.

Келин-куёв қалбин тўлдирган шодлик
Тўлқини тинмасин сурнай мисоли:
Кафтда тутмас тўйдан тантанаворлик,
Ҳаёт боғи гоҳ тинч,
Гоҳи бўронлик.
Оғирлик елкада,
Иқбол ўртада
Боқий қолсин жуфт-ла севги висоли.
1974




Лола

Лола,
Лола,
Бутун коинот лола,
Кўзим қамашади,
Акдим завқдан лол.
Ўнгирга тўкилган қизил шалола,
Пойимда бепоён ол гилам мисол —
Боқаркан кўз каби тўлиқ зиё-ла
Босиб,
Йўлим давом этмагим маҳол.

Ёшлик экан:
Босиб,
Янчиб ўтганман,
Лолалар ёноғин домига тушиб —
Ёнига борибоқ, ёнлаб ўтганман,
Ўзгасин жилваси дилимда жўшиб.
Узганман,
Юлганман илдиз-ла қўшиб,
Қучоғим тўлдириб кўзга суртганман.
Салқин кўрпасига узала тушиб,
Қуёшдан лоладай қўшиқ кутганман.

Тушда юлдуз чўлин кечганман тоғда,
Булут силсиласин ўтганман яёв.
Мен маслак йўлида умтилган чоғда
Бўлмаган мен кесиб ўтолмаган ғов.
Энди-чи? Лолани топтаса биров,
Ё яшноқ бир гулни бўлса узмоқдай.

Ўйлайман:
Лола чўл улкан ёнокдай,
Қуёшдан,
Баҳордан ял ёниб лов-лов —
Шу фусун,
Гўзаллик она тупроқда
Беҳадлик яшнасин,
Мен бўлай яёв!
Завқимни чодирдай ёзай ардоғда,
Узмоққа ҳеч кимда дил бермасин дов!
1975




Излайман...

Фикрлашдан бошу
Дил толганида,
Ишли онлар ўтиб, эл олганда дам.
Ўзим учун юлиб вақт олганимда,
Худди юрагимдай мунис бир ҳамдам
Ёнимда йўқ бўлса,
Уни излайман.

Баҳорга шошқинсам жаннат қилган дуч,
Сўйлашга талпинсам ўргатган куйга.
Жўшқин давраларга журъат берган куч
Буюк,
Боқийлиги ғарқ этиб ўйга,
Қонимга суқ солса,
Уни излайман.

Бағримдан узганим — бағри-ла хурсанд,
Қонимни берганим — бахти-ла гулгун.
Ҳусни мендан кўҳлик,
Парвози баланд,
Меҳри бир жонимга солиб минг тўлқин —
Сиғмайин жўш урса,
Уни излайман.

Кунлар қанча шодлик,
Қанча ношоддик,
Қанча иш,
Коҳишга этар рўбарў.
Жаҳонга сиғмаган севинчга нордек
Келиб бир баҳамни қилганда орзу,
Такдир тўсиқ бўлса,
Уни излайман.

Излайман!
Биламан, топмайман уни.
Зотан, ўзим уни қачон йўқотдим?
Фарзанд,
Набиралар туғилган куни,
Мен уни ҳар сафар Абадга топдим...
1975

¤риклар гуллар...

Шоир севган ўлка кўксида
Хушбўй баҳор кезиб юради.
Не боғ! Ҳатто қоя устида
Ўрик огшоқ бўлиб гуллади.

Жуда ҳам кўп гуллади ўрик,
Зеро, чўллар боғ бўлиб кетган.
Ҳамма ерда очилган қўриқ,
Юртин халқи гулистон этган.

Дўсту ёрлар жамулжам бу кун,
Азиз номинг меҳр нурида.
Минг бор узр,
бугун сен учун
Мен ўлтирдим тўйинг тўрида.

Бугун сенга тўлмиш етмиш ёш,
Ярми биздан қайларда кечди?
Ўттиз беш бор гул очиб қийғоч,
Ўттиз беш бор ўриклар пишди.

Орамизда сени мўйсафид
Кўрганларнинг билмам номини.
Куйлаб ишқни, тонгаи муттасил
Менга қўйдинг умр шомини.

Мен шомлардан саҳарлар ясаб,
Ўттиз ёшли бўлиб юраман.
Ҳар баҳорга чиққанда қўмсаб,
Қайноқ қўлларингдан тутаман.

Ва юраман ёнингда ўктам,
Эл омонлик этар сени шод.
Сени кўрган ва кўрмаган ҳам
Бу муборак номинг қилар ёд.

Ва биласан кексармас умринг,
Дондай ёйиқ йиллар қатига.
Куйлай бериб ёшлик қўшиғин
Мангу қолдинг ёшлик фаслида.

Не-не гўзал ёшликлар келар,
Умри боқий ҳаёт йўлида.
Ўшанда ҳам ўриклар гуллар,
Сен бўласан диллар тўрида.
1979


* * *

Мен ишқ эдим,
Ишқдан мастдим беармон,
Ўттизга етмай бир зарбдан уйғондим.
Кейин олтингугурт оловисимон,
Кўринмай ҳижроннинг доғида ёндим...


* * *

О, муҳаббат, кўрсат қиёфанг,
Бисотингда ханжарми, ё май?
Гоҳ қалбларни яйратиб чексиз,
Гоҳ жароҳат соласан қиймай...


* * *

Кимки аёл дилига ҳоким,
Идрокидан сезади устун.
У олмаган чўққи йўқ, неки,
Аёл ўзи чўққидир бу кун.


* * *

Фақат меҳру вафо қилганмиз ато,
Покиза ҳисларга фарзанд бу ўғил,
Келиним! Энг гўзал, мунис, мусаффо
Туйғулар ҳаммасин сенга берсин ул.


* * *

Боланинг ҳар дарди — таннинг оғриғи,
Унга тикан кирса оғриғи санда.
Оҳ, онам! Айтинг-чи, она борлиғи
Худди шундаймиди яралган ондан?


* * *

Ўлгач, ёнгинангда қолсам бир умр:
Ўттиз ёш, соч ёйиқ, кўзларим гирён...
Жуфт кўрса зурриёт, булут, шеърхон, нур,
Қадам етганича кетсак икковлон...
 
Сени
куйлайман,
µаёт


Тингла булбул

Булбул сайрар, ирмоқ куйлар, ўйнар ел,
Ҳамма ёққа нур тўлганга ўхшайди.
Ширин куйга тўлиб кетди маъсум дил,
Севги унга ёр бўлганга ўхшайди.

— Тўхта, булбул, мен куйлайин, жон булбул,
Сен тинглагин қалбимдаги торимни.
Баҳор десам, рашк қилмасин чаман гул,
Юрагимга кириб олган ёримни.

Мен ёр севдим, ишқ ўради ўйимни,
Эрка дилнинг тўлқинига қулоқ сол.
Сен бийронсан, лекин менинг куйимни
Кўрки бўлган садоқатдан сабоқ ол...
1951


¤Ілим, сира бґлмайди уруш

Тўлишарми ўлкада баҳор,
Қуёш кезар осмон кўксида.
Қалдирғочлар қанотми қоқар,
Ундан соя лаби устида.

Мана, ўғлим лаби устида
Қалдирғочнинг майин қаноти.
Ўспириним тоза кўксида,
Кунда ошар янги ҳис тоти.

Бўйи ошиб кетди бўйимдан,
Боса олар кўксига бошим.
Севгим кўриб берган уйимда,
Ўсди менинг катта йўлдошим.

Юрак тўла шодлик, меҳр, бахт,
Унинг кўзларига боқаман.
Нигоҳидай тиниқ ва ёрқин
Орзу тўлқинида оқаман.

Орзулари қалбимга зийнат,
Ҳаётидир кўзим қораси.
Ўкинаман, баъзида фақат,
Ёнида йўқ унинг отаси.

Уруш! Номинг ўчсин жаҳонда,
Ҳамон битмас сен солган алам.
Сен туфайли кўп хонадонда
Ота номли буюк шодлик кам.

Юлдинг ота демак бахтини,
Жуда мурғак гўдакларимдан,
Яхши ҳам бор шундай Ватани,
Далда бўлди юракларимга.

Ота бўлиб солдим мен йўлга,
Она бўлиб меҳримга олдим.
Мана, юртга ўғил ўстирган
Бир давлатманд бой бўлиб қолдим.

Қанча ишонч, умид бахш этар,
Ҳам Ватанга, ҳам менга бу дил,
Қоя каби ёнимдан чиқиб,
Суян, — дейди, — кифтимга дадил.

Мен онаман, менинг юрагим
Фарзандларим қувончига кон.
Дил орзиқар, баъзан тилагим
Ваҳималар ўраган замон.

Йўқ, урушнинг номи ҳам ўчсин,
Менинг ўғлим керак ҳаётга.
Истамайман, унинг дудлари
Қўнсин лаби узра қанотга.

Бас, бас, эзгу оналар қалби,
Яшай олсин бехавф, бахт билан.
Меҳнатимиз, ғазаб, севгимиз
Тинчлик, дейди бутун халқ билан.

Кўкрак сути ва меҳнат билан
Биз жаҳонга берганмиз турмуш,
Она қалби оёққа турса,
Ўғлим, сира бўлмайди уруш!
1954


Саµар мен билан...

Кундан-кун саҳарга ортар соғинчим,
Наҳот ҳаёт шомин яқинлиги бу?
Салқин оромида йўқолар тинчим,
Демак, шафақ мен-чун ёлқинлиги бу!

Наҳот умримдаги саҳарги завқлар
Тарк этиб излайман саҳардан нажот?
Бирдай эмасмиди йил, фасл, вақтлар,
Недир ўтиб, недир келмайди, наҳот?

Саҳар бу — ёшликдай борлиғи орзу,
Саҳар ўқилмаган ғаройиб китоб.
Наҳот умр олиб қўлга тарозу
Мендан кутар ҳалол, аниқ сарҳисоб?
Тўхта!

Нечун йиллар палласи вазмин,
Умрим эмасмиди ҳаётдан туҳфа?
Сарҳисоб чоғда ҳам ўзимда изин,
Посангисин ростлаш пайтимас, тўхта!

Кун фақат саҳармас, кундуз, шоми бор,
Кеч пишар мевалар озми тупрокда?
Тўхта!

Тарозуга қўярдек куй бор,
Ҳали саҳар сиёқ яшноқ дил-боғда.

Мен ахир саҳар чоғ таваллуд топдим,
Онам кўкси, азиз юртим ҳам саҳар.
Шеърга дил дафтарин саҳарлар очдим,
Эслайман:
Топганди севги қўйнидан
Мени тоғдан оғир ҳижрон ҳам саҳар.

Бугун шом устидан ял-ял кулажак
То умр борича саҳар мен билан.
Ҳар кун менга саҳар туҳфа этажак
Халқим юрагига сафар мен билан.
1968


* * *

Нақадар ер жамоли ажиб,
Ҳар сония суврати ўзга.
Кезмоқ мумкин овозда оқиб,
Тутмоқ мумкин ҳавони кўзга.

Сўзсиз, куйсиз маҳлиёликни
Аташ мумкин жарангли достон.
Ҳаёт номли рўшноликни
Мўйқалам-ла чизмоқдир осон.

Лекин мени отар бир ўйга,
Ҳар бир ранги олади кўзим.
Гиёҳлари маст этиб бўйга
Қайта мафтун сезаман ўзим.

Ва мингбора айтган қўшиқни,
Такрорлашдан ҳеч қилмайман ор.
Такрор изҳор этиб қуллуқни
Ўлгунимча куйлайман такрор...
1968




Сени куйлайман, µаёт

Яшаш азиз ҳисси танда кезганда,
Умр кўпи кечиб, армон дилни эзганда,
Ҳатто ўзни хаста, заиф сезганда,
Оғир, бенаф ўйдан юрак безганда
Сени куйлайман, ҳаёт!

Ҳар саҳфанг ўқилгич янги бир китоб,
Ўтмишми, эртами туғилар ҳар боб —
Яшаш ва ёзишга қилганда хитоб,
Сукут хижолатин енгмоқ азмида
Сени куйлайман, ҳаёт!

Ҳар фасл бир ажиб тароват тўкса,
Тўкин куз ҳосили шохларни букса,
Янги ризқ-ёмғир, қор тоғларга чўкса,
Баҳор гулин кўзга суртмоқ азмида
Сени куйлайман, ҳаёт!

Сен ўзинг кун сари ўсган фарзандим,
Гоҳ чақноқ шодлигим, гоҳ аччиқ зардим.
Меҳнат зафарларим, бешифо дардим,
Дўстдан меҳр — мактуб кутмоқ азмида
Сени куйламайман, ҳаёт!

Сенинг ўзинг ширин ва тансиқ туҳфа,
Ҳар умр бахт шонин йўғурар супра,
Йўғурмоқ минг тахлит ва минг бир турфа;
Бу мактабни қайта ўтмоқ азмида
Сени куйлайман, ҳаёт!

Куйлайман, куйламоқ кун сари мушкул,
Мен сенман, сен менинг борлигим буткул.
Елкамга юк ортиб, қўлимдан тутгил,
Бу бахтни назмга тўкмоқ азмида
Сени куйлайман, ҳаёт!
1970


* * *

Қоғоздан ёқилган гулханлар гар кўркам
Бир дамда кўк ўпар минг тилли олов.
Бир дам алақишсанг сўнади шу дам,
Ўтни тилга солиб бўлмайди дарров.

Буларнинг севгиси — гулхан ёниши,
Ўзни ҳам, атрофни этди нурафшон.
Бу оний ёниши, офтоб ботиши —
Симон ҳароратдан қолмади нишон.

Икки қирғоқ ора оққан меҳрмас,
Икки дилдаги дард — муз куйдириши,
Бир севги иккига ёрилдими — бас,
У — чироқ сўниши, туннинг кириши.

Афсус, сўнган гулхан қайта олмас чўғ,
Дарз кетган кўнгиллар бўлмайди бутун.
Гулханни сўндирган бўрон, муз тўлиқ,
Дилу кўзларини кўр қилди тутун...
1974


Офтоб, сен борлигим!

Бир шифохонада дардли тан билан
Тинмоқчи юрак-ла ётаман танҳо...

Қувон, яна ёрқин тонгга етишдинг,
Тундан омон чиққан жонинг сийлар нур.
Қувон, деразангдан салом эшитдинг,
Жуфт кабутар сайрар илк баҳорга жўр.

Яна кўзларингда сен билмаган кун,
Ҳамма кунларингдан гўзалдай гўё,
Рангсиз қўл, юзингдан ўйнар офтоб,
Кўрганмидинг шундай ҳаётбахш рўё.

Сенга етгунимча жунжикди таним,
Томиримда қонлар қолди ғилдираб.
Офтоб — менинг ёрқин, содиқ ватаним,
Кўзларимдан севинч ёши милдираб —

Боқаман. Ўпкамни яйратар ҳаво,
Қуёшим, мен сендан оламан шодлик.
Кўзни қамаштиргич нуринг дардимга даво,
Ҳаёт яна гўзал мисли озодлик.

Мана, оппоқ хонам шуълага макон,
Бинафша бўйидай яйратди таним.
Офтоб! Сен борлиғим тирик тутган жон,
Сен ёлғиз мангуга ташлаб кетарим...
1974
 
Йиллар
ва
ґйлар



Рашк

Ўлтирибман дарё бўйида,
Юрагимда рашк билан ҳавас.
Дарё оқиб борар... қўйнида
Қуёш нури, баҳорги нафас.

Йўқ, рашкимни қўзғатган бумас!

Чунки, мен ҳам халқ денгизида
Баҳор нафасин ҳам сезаман.
Дарё оқиб ётар изида,
Мен истасам жаҳон кезаман.

Лим-лим сувдан узолмайман кўз,
Тўлқинларда тирик ҳаяжон.
Қуёш миллион ва миллион юлдуз
Бўлиб унга сочилган маржон...

Тепасида учар гала қуш,
Арғимчоғин дарёга солиб.
Тоғ еллари уриб ўтар тўш,
Салқинидан шаҳарга олиб.

Йўқ, рашкимни қўзғатган бумас!

Ишқ ва ҳижрон оловларидан
Омон чиққан қайноқ дилим бор.
Мен қуёшли эл фарзандиман,
Бахтлиманки, ёниқ нафас ёр.

Йўқ, рашкимни қўзғатган бумас!

Нигоҳ кетар тўлқинлар билан,
Соҳилларга суқ билан қараб.
Қўлда кетмон, бир чол дарёдан
Боғига сув очади яйраб.

Кумуш сочдай ёйилар сув ҳам,
Қуйилади тупроқ қўйнига.
Менинг қалбим рашк бўлиб шу дам
Осилади сувнинг бўйига.

Ҳовуч-ҳовуч ичади қизча,
Сероб бўлиб кетар ташна лаб.
Шеърим ўқиб бир ҳовуч сувча
Баҳра олармикан бирон қалб? —

Шу рашк мени қийнар бу нафас!..
1958


¤іувчимга

Юрак ниҳол олов қўйнида
Ёнар, кулар, яшнарди шайдо.
Орзу, ҳиснинг соф ўйинида,
Илк шеърларим бўларди пайдо.

Шеъринг мурғак, лекин дилинг соз,
Нафасингда, дедингиз, ўт бор.
Ёниб куйлаш шоирликка хос,
Ўсгин, совиш билмагин зинҳор.

Бу оташни бағримдан олиб,
Водийларга, гулларга бердим.
Тўқувчини қўшиққа солиб,
Қўриқ ерлар бағрига кирдим.

Ишқ, ҳақиқатан қудрати гўё
Менинг билан тебратди қалам.
Қўшиқларим билмай ғаш, риё,
Ошкор кулдим, ошкор чекдим ғам.

Дили шоир хассос бир элга,
Фарзандлигим нақл этар бурчим.
Халқ қалбидай бир гўзал шеърга
Етармикан ҳеч қачон кучим...
1959


* * *

Тинмай оғрийди бошим,
Кўз очишга мадор йўқ,
Ботди умр қуёшим,
Дарднинг булути қуюқ.
Чоғи...

Унмайди ишим,
Ўкинчдан оғрир юрак.
Бу яшаш, бу бир турмуш,
Унга тоб бермоқ керак.
1960


Мен чизолмаган сурат

Мен йўлдаман, тинмагур юрак,
Янги шодлик, қўшиққа чанқоқ.
Ҳамма ерни кўрмоғим керак,
Гўё менга ҳамма ер муштоқ.

Қишлоқларни кездим борлиғим
Жарангли дам сеҳрига мафтун,
Ватандош, сен бахтиёрлигим,
Сенсиз на куй, на ҳаёт бутун.

Қаҳрамонни чақирдим, ёндан
Товуш берди колхозчи аёл.
Еллар ювган юзида илҳом —
Мен ёзажак куйдан баркамол.

Офтоб олган дурра, чанг этик,
Дала, қуёш саховати бу!
Кўзи ўта боққан қалб етук
Замон ўзи! Ташвиш ҳам сулув!

Нурланади дағал бармоқлар,
Кўзларидан жон олар қўшиқ.
Қонидаги янги ирмоқлар
Замзамасин чизишга ранг йўқ!

Жасоратнинг баёни қай ранг,
Доноликнинг белгиси қай сўз,
Суҳбатида шеър ўқигандай
Юксаламан мен ҳам изма-из.

Ўз бахтидай вазмин бу зотда
Парпировчи қанот кўраман.
Ҳаёт ўзи, ўзи ҳаётда,
Мен ҳаётни чизмак бўламан.

Мен чизаман... нон, севги, меҳнат,
Дўстдай азиз аёл суратин.
Шу камтарин, шу улуғ санъат —
Менинг юртим, менинг шуҳратим.
1961


Кимни кутасан

Кўзинг мунча йўлда интизор,
Эй, баҳордан баркамол ҳусн.
Изтиробинг дилимга озор —
Ишқ ҳижронин билганим учун.

Сен кутасан кимни, қаердан,
Келаман деб, қилдими ваъда?
Сен кутасан, гулнинг баргидан
Нозик дилинг мустаҳкам аҳдда.

Ишқли қалбнинг қонидай лабинг,
Ловиллайди маъсум оташда.
Учқун сочар оҳу кўзларинг
Яширмоқчи бўлганинг ғашда.

Эй, қалбига риё бегона,
Табиатнинг бокира қизи.
Гўзал оташда ёна-ёна,
Айт, кутганинг нонкўр ким ўзи?

Сўрамайман, узр эй малак,
Бебурд номни олма сен тилга...
Баҳор кўкин безаб камалак,
Бирдан шундай соврилар ерга.

Дилга ором ёрқин юлдузинг
Қаердадир чақнаб турибди,
Севги, вафо ахтариб изинг
Чин бахт ўзи сен деб юрибди.
1961


Океанда

Океан, кема, қардош, дўст,
Хурмоларда маймунлар.
Кун денгизда минг-минг кўз,
Нурдай равшан кўнгиллар.

Табиат этган сеҳр,
Қутулмоққа йўқ дармон.
Даврада қўшиқ, меҳр,
Бир сўздан сачрар гумон.

Илҳом, куй бошда ялов,
Тўлқинларда табассум.
Сен, Ватан ўғли дарров,
Недан чўчиб қолдинг жим?

Кулгу қочди юзингдан,
Гумонга бўлдингми қул?
Гумон менинг изимдан
Қолмас бўлибманки тул.

Бил, у уйинг, болангдан
Олиб менга бермайди.
Бу муҳаббат йўлимас,
Дил у куйга кирмайди.

Сен, гумон денгиздай куч,
Тўлқин бўлиб от мени.
Танамда қирғокдек куч,
Енгиб чиқаман сени.

Борлигимча қоламан,
Марҳумим сақлаб омон,
Диллардан жой оламан,
Ўзин кемирсин гумон!
1961


Јатра

Кўздан, сўздан, қўллардан узоқ
Букун сенга тўлар эллик ёш.
Гўё майса эллик ёшлик нақ —
Эллик ёшдай боқади қуёш.
Қалам, қоғоз ёзув ҳам гўё
Эллик ёшли етук ва яқин.
Ҳамма реал, хаёл ва рўё,
Ҳижрон, севги, ёғин ва чақин.
(О, араблар! Тасанно сизга,
Ҳикматингиз келди менга қўл.
Дебсиз. «Энг чўнг, узоқ масофа
Дил билан дил аро ётган йўл».
Шу чўнг, узоқ йўл бошидан ман,
Интиламан қалб билан қалбга.
Мен шеърдан кўприк ташлайман
Узр айтиб доно арабга).
Понамисол ёриб тақдиринг
Мен кирмайман уйингга зинҳор,
Зеро, ҳеч он бахтинг ва меҳринг,
Фикринг чулғаб бермадим озор.
Лекин букун дўсту рақиб жам,
Ҳо, дўст деб сев, ҳо рақиб деб қув,
Эртакларда бўлгандай мен ҳам
Келдим, бўлиб дилингга ғулув.
Даркор эмас на пойгак, на тўр,
Қатрага барг ҳам, коса ҳам жой...
Энди сени азоб ва ҳузур
Гирдобига олар ҳойнаҳой.
Бўш қадаҳни қўясан секин,
Шуҳрат-ҳурмат ва шаробдан маст.
Недур сенга етмайин лекин.
Бир нуқтага боқасан лоқайд,
Гўё ҳамма ғойиб бўлгандай
Бирдан ўзинг сезасан ёлғиз.
Қўл чўзасан сипқормак-чун май,
Май тутади ўтсиз, оловсиз.
Тутамоғи этар бетоқат
Ва кайфингдан қолмайдир асар.
Чунки қадаҳ тубида томчи
Бир булбулнинг кўз ёши қадар —
Шаффоф, қуруқ, оташга тўлиқ
Алангасиз туради ёниб,
Унда шодлик, кайфу сафо йўқ.
Ичолмайсан бу майни қониб.
Ким билар, у не? Жигар қони,
Йиғламаган кўзинг ёшими?
Ё бўсадан ёт лаб фиғонин
Ўт жисмига яширган намми?
Ё қўрқоқ ишқ заиф журъатнинг
Икки бошга солган қамчиси.
Ё аёлнинг қалби ҳовурининг
Музга тегиб синган томчиси.
Нима бўлсин, шу етим қатра,
Менман, менман, мен ўзим фақат,
Сен бу тутов оловдан сақлан,
Ичма, бу май на кайф, на-да бахт!
1962


ЈозоІистон ґланлари

Юрак ором истаб қолган ҳар дамни
Кўммоқ мумкин қайси чоҳнинг қаърига?
Ойлаб сукут қилган бу хит қаламни
Ёндирайин қайси ғазаб қаҳрига.

Нечун шамол каби тезмас қадамим,
Кўзу қулоқ бўлиб кезмайман тинмай?
Нечун саҳро сўзин, тошлар нафасин,
Дўстлар ўтоқларин яшайман билмай?

Умрда ғафлатга қолган нафас йўқ,
Роҳат истагини йўлларга сочгум.
Ана, Олатовдан тўкилар қўшиқ,
Мен, қўшиқ гадоси, қалбимни очгум...
1962


Кґкчатов

Кўкчатов тавсифин қозоқдан сўранг,
Менинг қалбим кўчиб, қамашди кўзим.
Нур макри, сув акси, ишкдай мовий ранг —
Табиат қулига айландим шу зум.

Бу ҳам кам, юракка чанг солиб ошкор,
Бу ер гўзаллигин чиқди шоири.
«Кўзгу керак бўлса Ойнакўлни ол.
Бунда сен кўрмаган ҳуснинг бор», — деди.

Шу Ойнакўлингнинг тоши бўлай мен,
«Раққоса Қайин»лар ичра йўқолай.
Этакдан, киприкдан, сочдан торт, кейин
Мен ўтли сеҳрингни қўшиққа солай!

Бу ернинг тоғидан замонга боққан
Менинг икки кўзим нақ бир жуфт жайрон, —
Меҳрим қайноқ елдай ёйилиб кетган —
Уфқни сиғдирсам, сиз бўлманг ҳайрон.

Ҳар сўқмоқ чорлайди қўшиқ йўлидай,
Энди қалб кўлдай тинч, қилмас замзама,
Арчаларнинг нурга чўзиқ қўлидай,
Ташна дил ҳар баргдан қилиб куй тама —

Саҳро қуёшидай ёнади лов-лов,
Сўзлар алангада қолар пишгали,
Мен боқиб тураман тийрак, беаёв
Ўтдан омон чиқиб дилга тушгали.

Бунда ҳар дил боқар бургут сиёқли,
Тоғдай арслонтўшу булоқдай тиниқ.
Сукути вулқондай олов қаҳқаҳли.
Куйи тубсиз ором, илк ишкдай ёниқ.

Ҳўплам қимизингнинг жаннатдай кайфи
Минг битта баҳорни ёдимга солди.
Қай қиёқ, лолангнинг силади кафти,
Манглайдан умримнинг изи йўқолди.

Оппоқ Қиз ўтовинг дилгинамга хуш,
Дўмбиранг онамдай ширин аллалар.
Танти дўст, машинанг бир кун кетсин бўш,
Ё у қўлга ташла — юрсин парилар.

Олиб кетма, яшил жаннат қўйнидан,
Олий дастурхонга минг қатла узур.
Сахийлик шоҳисан, бу бокира ер,
Мунис нафасидан олайлик ҳузур.

Мезбон оқинимиз тоғдай турар тик,
Қийиқ кўзларида майин қатъият,
— Мушоира кутар овулда! — кетдик,
Шеъриятга шеърхон ҳокимдир фақат.

Дил ташлаб, дил олиб мен тушдим йўлга,
Бургут сиёқлида тиниқ ашк қолди.
Қалбим нигоҳлари етмаган куйга,
Юрагимни тирнаб ажиб рашк қолди...
1962


Булут ґйини

Мен булутни севмаганман,
Қолмаганман тўрида.
Ҳеч ажабмас озсам диндан
Қозоқ Эшик кўлида.

Паға булут изларини
Ушлаб кўрмагандим ҳеч.
Бунда қолсам юзларимни
Ювар эмиш тонг ва кеч.

Ҳарир рўмол бўлиб майин,
Ўралармиш бўйнимга.
Тутқазармиш само найин,
Ел қанотин куйимга.

Қуёш нурин ҳовучида,
Ичирармиш чанқасам.
Кийгизармиш камалакдан
Камзул тикиб беқасам...

Мен боқаман ёрқин, кибор,
Булут кезар сарсарак.
У гоҳ туғён қилган хаёл,
Гоҳ ел чуватган ипак.

Кўз олдимда, атрофимда
Кезар тўсиб ер ҳуснин,
Лабларимда, пешонамда
Сезаман муз нафасин.

Кўлда сузар қайиқсимон,
Қурғоқ узра пиёда.
Ер сиғдирмас, қувар осмон,
Қарор топмас қиёда.

Кўк етими, паға булут,
Ўйинингда санъат йўқ.
Сеҳринг агар бўлса унут,
Кўк беғубор, тупроқ тўқ.

Қуёш, юлдуз рухсорини
Тўсмайсан кўзимиздан.
Сен тарк этсанг сеҳринг борин,
Деҳқонсан ўзимизда.

Мен қолмайман қучоғингда,
Сен изимдан тушасан.
Менинг Она тупроғимда
Дон, сув бўлиб жўшасан.

Бу тупрокда йўқ ятима,
Сарсари йўқ!
Ёғиб туш!
Мен қайтаман ерга — элга,
Келгунингча хайр, хўш!..
1962


Укпар жиІали

Тўкиларми тошлардан томчи,
Ё чашмада ўйнар балиқлар.
Сайрарми боз Қулаш эгачи,
Ё шоирда шеър етилар?

Куйдаш оқиб пардама-парда,
Қизлар келар экан биз томон.
Ғурур ва ноз оҳу назарда,
Келбатида ёш Қозоғистон.

Сочлардаги чилпи шилдирар,
Сулув бошлар укпар жиғали
Чўлпи сири сеҳрга солган
Устоз куйчи Авезов қани?

Қўш этаклар сирғилар аста,
Топгу тупроқ гул очар гўё.
Ним табассум, бодомқовоқдан
Дилга оқар ёқимтой зиё.

Оқ бўйинли етти оққушдай
Ёндан ўтишади солланиб.
Бир ёш дўстим оташ ташвишда, -
Қолса қайиқчига ёлланиб.

— Кимлар бу соф дала гуллари
Сўз дағалдай, кўз берар савол.
Колхозчилар, қўноққа чоғи,
Ё хилватда интизор висол!..

Ёш дўст беҳол... Етти мўъжиза,
Етти ёққа кетар жилғадай.
Менда қолар шу ҳол, шу сурат,
Майин, кўркам укпар жиғадай.

Кўзда сурат, дилимда ёрқин,
Ажиб ўйлар аллалар мени.
Қандай кўркам қизлар авлодин
Ҳассос диди ва шоир дили!

Бу либосни зинҳор тарк этманг,
Шу кийимда тушсангиз пойтахт
Олмаота сулувларининг
Маликаси бўласиз албат!

Эс-эсимда, гўдак чоғимда
Дўппи кияр эдим жиғали.
Дўст удумин бошда тутмакни
Мерос берган Онамга балли!
1962


Балхаш оішоми

Меҳмон кутиб ҳорган куни тиниб ишчи Балхашнинг,
Қўнмоқчи ерга оқшом.
Юрагимга навбатини бериб ёниш-балқишнинг,
Уфққа ётди офтоб.

Қуёш, биздан гўзалликни, ўйладингки, яширдинг,
Кечир, бу ўй беҳуда.
Куни бўйи бу ерлилар берган қўшиқ меҳрнинг
Кучи дилда биюда.

Гўдак рақиб, тоғ ухласин, ким ухлар шоир элда,
Юрса бунда илҳоми.
Сахий кундуз тортиғиман, балиқчингдай соҳилда,
Тувғон Балхаш оқшоми!

Сувинг эрик сариғмойдай ё Темиртов пўлати,
Ўркач-ўркач тўлқинлар.
Ҳар балиқчи ёққан гулхан оқин ўтови каби
Мену балиқни чорлар.

Шеър туғилиш они мисол ҳуркмасин дея қармоқ,
Ардоғли чўкаман тиз.
«Балиқ ҳали кўлда сузар, буни ичатур қўноқ!»
Балиқчи тутар қимиз.

«Бу гал тўрга тушган сенга, бахтингдан кўр, бойбека!»
Мен шодман мисли гўдак.
Ойли тўлқин гўё балиқ, ортидан дил энтикар,
Бахт қандай бизга керак!

Балиқчи, мен — икки жуфт кўз кўлдан узмаймиз нигоҳ,
Ой сувда нурли сўқмоқ.
«Бахтинг адим экан», — дейди қармоқни тортиб қозоқ —
«Ўлжанг улкан, ол қўноқ!»

Ийя, қардош, бахтим гўзал, ўзбек элатим сиёқ,
Ўлкам ҳар нарсага бой.
Бойвуччангни бошлаб бориб, бизларга ҳам бўл қўноқ,
Ҳадя қилай сенга той...

Икки қўллаб берар балиқ — нақ уч ойли қўзидай,
Мунгли боқар жонталаб.
Тўлғанади, тангаларда ой сочилган юлдуздай,
Шўр ел эсар тик қараб.

Ижозат бер! Яшаб юрсин ҳаёт кўлига ташлай,
Қўшиқ севар озоддик.
Ишқли қизнинг табассуми йигит қалбга синггандай,
Тўлқинга шўнғир балиқ.

Балиқ қолсин, тангасидай ярқираган толени
Кетаман юртга олиб,
Нур сўқмоқда кўрсанг бехос юлдуз танли балиқни
Тутма сен қармоқ солиб.

«Жақси, ташла, бизнинг юртдан ҳар тун сенга айтсин куй.
Ой-мактубдан ўқиб юр!»
Меҳнат, ҳаёт, дўстлик мадҳин ўқимоқ-чун оқшом, тун,
Бедор ўтай бир умр...
1962


Йґлда

Йўл, қишлоқ, шаҳарлар, денгизлар орти,
Гоҳ ерда, гоҳ кўкда, гоҳ сувда йўлим.
Қуроқдай турли ер, инсон ҳаёти,
Турлича ўй, кураш, турлича қўним.

Ҳамроҳим: интилиш, қўшиқ ва меҳр,
Қуёш ё ерсимон йўлдаман ҳар дам.
Ҳатто, тун уйқуга этганда асир
Эртага элтади тўшак-кемам ҳам.

Вақтни кишанлашга ҳамон мен ожиз,
Тупроғим ва умрим узра элтар йўл.
Не ёзсам туб-тубдан ҳаётга доир,
Инсоний қалбимнинг тебраниши ул.
1963


Дарахт

Бир дарахт турарди йўл чеккасида,
Шамол урар эди уни муттасил.
Аввал кўк, сўнг заъфар-хазон тусида,
Кўркини йўқотди... ҳамон урар ел.

Қурғади, букчайди курашда танҳо,
Зилол қонларидан қолмади зарра.
Шамол, шамол саваб қўймади аммо
Илдиз-ла йиқилди охир бир зарбдан.

Энди ел бўшликда кезар дарбадар,
Танҳо қурбонининг қақшашин излаб...
Биламан, дарахтдай қуласам агар
Менинг ҳаёт боғим қолмас ҳувиллаб.
1963


* * *

Умр ўтмакда... Ўкинчдан йўқ из,
Қалб меҳнатга, қаламга чанқоқ.
Гоҳ бахтсизлик ютар бахтимиз,
Лекин ҳаёт дилбардир ҳар чоқ.

Яйратганда яйрадим хушбахт,
Синганим йўқ чалса-да бўрон.
Гарчанд мен бир кам ҳосил дарахт
Неъматимда тирикдир ҳис, жон.

Етса дея куйим дўст, элга
Ёнар излаш ўтида қалам.
Заҳматкашни олганда тилга,
Эсласангиз зора мени ҳам!
1963


БоІбон

Боғбон гулзорида,
бор дунё унут,
Қўлида гулқайчи,
теша белбоғда.
Дарахт бор,
бултурги хас,
бу йилги ўт,
Капалак, ел, қуёш,
қурт ҳам бор боғда.
Бири озуқ гулга,
бириси ҳусн.
Бири атир берар,
бошқа бири — ранг,
Бири кемиради ҳаёт томирин.
Боғбон биридан шод,
биридан тажанг.
Теша билан патак илдизни қирқди.
Қурт, чиқитдан фориғ этди тупроқни.
Ҳайкалтарош диди,
Чўнг ота меҳри
Билан оралади қайта гулбоғни.
Оралади...
Кейин очилган гулдан
Танлаб-танлаб қиркди серзавқ,
сераёв.
Узоқ-яқин тутиб қилди томоша.
Гул ёқут, нуқра, дур — ёнар нақ олов...
Боғбон супа узра қийиғин ёзиб,
Бир оғуш чаманни таратди аста.
Кўрди.
Танламадан ноёбин олиб,
Келинга тупудай қилди гулдаста.
Чоғи, кекса ҳассос меҳнатидан шод.
Боғдан чиқди.
Юриш — рақс тушган мисол.
Меҳнат меҳри, санъат ва гулзорининг
Туҳфаси тутганга келмагай малол.


* * *

Шундай, шоир:
Бутун ўзи ва қайноқ
Ҳаётдан қалбида экар ўз боғин.
Ёт ўт, хасни янчар.
Терар гул.
Қачон
Топдим, — дер гавҳардай ёнган ноёбин?..
1965


¤йлар

Йилларим бу — шошиб, шоширган.
Улкан улуш орқада қолмиш.
Ё бой берган бахтим яширган,
Йўллар мени шу кўйга солмиш?

Ё мен кўчиб етмаган ҳаёт
Она каби эслатар бурчим.
Сероб қилмай битган бир булоқ
Каби битди ё қалбда кучим?

Игна билан мен қазиб қудуқ,
Ўша чашма кўзин очаман,
Кор қилмаса қалбимдаги ўт,
Сочим ёқиб учқун сочаман.

Отам боши мисол оқ тоғдан,
Отқин сувдан юламан қудрат.
Бу кун каналга зор тупроқдан,
Ташналикни оламан пудрат.

Зангор кўкни бирдан сипқариб,
Ерни кунга тутаман кафтда.
Ойга фазо илмин сиғдириб,
Неварамдек оламан кифтга.

Халқ такдирин бир жилғасидай
Ҳар инсондан тилайман баҳра.
Сув унутган қум заррасидай,
Умрим сочиб, ўкинмай қатра —

Ҳаво кесиб, чарчаган қушдай,
Қўниб, кўчиб кезгум Ватаним
Ва меҳнатдан нақ ипакқуртдай,
Тўхтамасман, тинмаса қалбим...
1965

Эмиш...

Эмиш: шуҳрат ўраб кемтик қисматим,
Кўзлардан узоқда сирқираб оқар.
Қалбда қўрғошиндай ётиб ҳасратим,
Кўзларим жаҳонга бахтиёр боқар.

Эмиш: ҳаёт менга аёл бахтидан
Тўлиқ косасини кўрмапти лойиқ.
Лекин қалбим тўккан шеър шуҳратидан
Бахтли аёл дермиш мени халойиқ...

Танда қўрғошин-ла юрганлар озми?

У жангчи танида, аёл дилида
Қарийб чорак аср зангламай ётар.
Бахтнинг минг жилосин берган элида,
Ҳар бир жон жаҳонга толе ёр боқар.

Лиммо-лим қисматга бўлмаганлар ёр,
Кемтиклик ҳасратин биларми дардин!
Қалбни безаб кетган ишкда зўр бахт бор,
Юрак унутарми олтин дамларин?

Аёл бахти!
Мендай аёл бахтига
Такдир маликани кўрганми лойиқ?
Халқ меҳрида, ёрман эл шуҳратига,
Бахтли аёл деса ҳақли халойиқ...
1965


¤зимни

Нега жимиб қолдинг, хаста мунғайиб,
Ўзингни урасан яккаш тўшакка.
Нега, келиб-келиб энди, нақ ғариб,
Курашда енгмоқчи бўласан якка?

Қани зукко хислат — ирода, ғурур,
Дўл, бўрон, ҳижронлар ўта кулган куч.
Қани ўт булоғи, кўзингдаги нур,
Зиқлик, хафақонлик қайдан келди дуч?

Йиллар ўтган бўлса, ундан нарига,
Кимда муқим қолмиш ўн саккиз ёши.
Катта тақдирингда ўтган кунларга
Бетакрор зеб берган ҳаёт наққоши.

Узоқ йўлда ким ҳам қолмайди толиб,
Бир дам дўст қатида ҳордиқ чиқаргин.
Меҳригата чўзилган дил бўлса олиб,
Энг ёрқин йўлларга солиб юборгин.

Кел, куйсиз юракка қўшиқ бағишлаб,
Кулгисиз лабларга ўргат табассум.
Бахтинг соч, дард бўлса тишингга тишлаб,
Енга олсанг енгу бўлма ҳеч таслим.

Фақат сени тошдай тортган кунжакдан,
Қаламингга муҳтож дунёга отил,
Э ҳаким! Даво топ тошдан, чечакдан,
Худоми, табиат барин эт ҳижил.

Бор вужуди ҳаёт, илтижо бу жон
Сендан ишларига тилайди умр.
Атомми, жонворми ё бўмбўш осмон
Чангалидан унга бир шифо ундир...

Сен ўзинг жим ётма, бу кенг дунёда
Ҳали кўрар шодлик, қилар ишинг кўп.
Қитъадан қитьага кездинг пиёда,
Хотиранг қудуғин қазиш керак хўп.

Демак яшаш керак, ланжликни унут,
Дарё каби уйғоқ ҳаётга отил.
Энг нодир қўшиғинг зар баридан тут,
У менда! — деб чорлар олдда қанча йил.
1968


¤Іирлайман іаламинг бир кун!

«Ўғирлайман қаламинг бир кун!»
Ҳазилингиз кўчирди жоним.
Нақ яроқсиз қолардай бугун,
Сирқиради толе, имоним.

Ўғирламанг қаламим бир кун,
Мени этманг соқов ва чўлоқ.
Тақинчоғим, анжомим тўкин,
Бари қўлга, кўзга яқинроқ.
Ётар, олманг қаламим бир кун.

Мен Ҳофиздай улашмайман юрт!
Истеъдодим, қалбим сизларга.
Яхши номим, бахт-севинчим бут.
Барчасини берай қизларга.

Юрагимдан узайин парча
Ва келтириб шам деб тутайин.
Хоҳиш, коҳиш, измингиз барча,
Барчасини кўзга суртайин —
Ўғирламанг қаламим бир кун.

Гар пахтадан тўлмаса режа
Сочларимни берайин қўшиб,
Сизга ором бермаса кеча,
Олинг мендан! Мен бедор жўшиб.

Бахтингизни олай қаламга,
Очиб берай сизга қалбингиз.
Шуҳратини ёяй оламга
Меҳнатингиз, севги, кашфингиз.
Ўғирламанг қаламим бир кун!

Қалам-ла мен тўқийман қўшиқ,
У — инсонга, элга хизматим.

Бурчин бекам адо этган йўқ,
Қарзим узар икки фарзандим.

Фарзанд меҳри ва қаламимни
Худо ҳаққи, қўйинг ўзимга.

Усиз қолсам, ўлди деб мани
Секин парда тортинг юзимга...

Ўғирламанг қаламим бир кун...
1968


* * *

Учиб кетди полопон қуши,
Уя бўм-бўш қолди қорайиб.
Пар остида сирқирар тўши,
Кўз олдида дунё торайиб.

Мунг-ла сўроқ ташлар ҳар тараф,
Мағрур боши ботди бўйнига.
Чағалари жуфт қанот боғлаб,
Шўнғиди кенг ҳаёт қўйнига.

Ютмоқ бўлиб уя ҳувиллар,
Чағалари ўрнин силар тўшлари,
Еллар чағ-чуғидай туйилар,
Қувонч бериб сийлар тушлари.
1968


СоІиниб

Шу кунларда баҳорга зорман,
Навжувонлик ўти танда йўқ.
Куз сингари заъфар рухсорман,
Мевалар ҳам шохлардан узуқ.

Шу кунларда баҳорга зорман,
Тан-хасталик эзади руҳим.
Танҳо эмас, қаторда борман,
Яна нени излайди суқим?

Шу кунларда баҳорга зорман,
Шаффоф, ёрқин куй тилар кўнгул.
Яхшиямки, қаламга ёрман,
Сўзлаб турар бор дилимни ул.

Шу кунларда баҳорга зорман,
Ўз баҳорим каби бемисол,
Баҳор қайтмас, ёнувчи қорман
Ё нўноқ қўл бутаган ниҳол.

Шу кунларда баҳорга зорман...
1968


* * *

«Тўрга ташриф!»... дейсиз, жой не гап,
Юрак, фикр, меҳр олдида.
Биласиз-ку, диллар дил талаб,
Юртлар ошар дийдор дардида.

Дўст нигоҳда кўрсам ўзимни,
Маликадай тўрда сезаман.
Бир офтоб силаб кўзимни,
Бахтлар водийсида кезаман.

Илтифотли диллар тафтидан
Илҳом қайнар мисоли булоқ.
Шеъриятнинг ёрқин тахтида
Кўринишдан бахт борми зўрроқ?
1968


* * *

Гоҳ-гоҳ бир дақиқа тарк этмас хаёл,
Эски бозордаги сурондай ўйлар.
Бирининг баридан тутдими хиёл,
Ўзгаси шағалдай оғир қуйилар.

Охирин кутишдан қурийди тинкам
Ва дилгинам узра тушади харсанг...
Шукур, дунё ичра яшамадим кам,
Ва ҳеч дард, ҳеч жумбоқ этолмади танг...
1968


Орзуга айб йґі...

Шу кунларда қалб қўшиққа тор,
Кунда битта ёзаман шеър.
Маъюси ҳам, ёрқини ҳам бор
Тупроқ, ҳаёт, юрак бу ахир!

Ёзганда-ку, унутман кўр-кар,
Фақат дилга соламан қулоқ.
Бузиб, ясаб, мисоли заргар,
Борин тўқиб... нуқта қўйибоқ.

Бир тингловчи қоламан излаб
Ва орқага тортар юрагим.
Уйғотибми, чорлабми, бўзлаб,
Топиб, фикринг келар сўрагим...
1968


Суі

Ўтган кунларимга келар суқ, ҳавасим,
У — менинг қуёшдай ёшлигим.
Ўтган тунларимга келар суқ, ҳавасим,
У — ойдин шодлик, бебошлигим.

Думбуллик, жамол ҳам, бокира хаёл ҳам,
Ўктамлик, эркалик, жасорат.
Севгидан мастлик ҳам ҳижрондан беҳол дам,
Ғафлатдан вайронлик, қаноат.

Долғали туйғулар оловли тўлқини,
Хилватлаб етаклаб юрганда,
Қонингнинг, қалбингнинг бахтиёр шовқини
Ақлингни кишанлаб турганда.

Офтобни хиралаб, қуёшдай кулган он,
Ўйлаган эдикми, жаҳонни?
Энди-чи, ўй, ишинг, шодлигинг бор жаҳон,
Баҳордай не ёқар бу қонни?
1968


Шалола

Меҳнат берган олтин шодликдай,
Отилиб тошади шалола.
Шовқини илҳомдан ёрлиқдай,
Юракда кўтарар тарона.

Қайнайди ўзлигин йўқотиб,
Тўзитар осмонга кумуш чанг.
Қирғоққа тўлқиндан тош отиб,
Гўё у эрк учун қилар жанг.

Борлиқни тутади гулдурос,
Ҳаммани чулғайди эзгулик.
Қишдан муз олгандай ўч, қасос
Ҳаётбахш куч бўлиб кезгудек.

Бу кучга танг қолиб офтоб,
Ташлайди камалак ёйини.
Қулайди шалола сершитоб,
Ахтариб каналу сойини.

Югурар яшиндай, чақмоқдай,
Ахтарар канал, сой, наҳрни.
Бахтиёр ёйилар қаймоқдай,
Топганда ташналаб бағрини.

Нақ шундай:
Умрни этиб боғ,
Оқасан куй-нақрим, кўкракдан,
Фарзандим, шеъргинам, бор тезроқ,
Макон қур, энг тоза юракда...
1968


¤тли томчи

Ўтли томчи, шўр томчи, сени
Нега инсон кўз ёши атар?
Қалб ўртангач қўрғошин сели
Эмасмикан оққан шашқатор?

Ўтли томчи, шўр томчи сели,
Сен юзлардан ирмоқ очасан.
Ўзимдан ҳам яширин сирни
Рақибимга елдай сочасан.

Пешонамга ёзиқ тақдирни
Чиқарасан кўзимдан сиқиб.
Чўнг иродам қурган қасрни
Жаҳонгирдай бераҳм йиқиб.

Гўё шамгин, гўё яланғоч,
Шон-шуҳратим енгиб ташлайсан.
Йўқ душманим бир дам этиб шод,
Дўстларимнинг дилин ғашлайсан.

Чиқ, сўнг томчи, юздан сидириб
Мен орқангдан отай қора тош.
Ўз ҳаққим-ла кўксимни кериб,
Кўз ёшга ҳам боқайин беёш...
1968


Марсия

Еру осмон, тутинг мотам, яна бир меҳрибон кетди,
Ҳаётга, офтобга, гулга ошиқ, жонажон кетди.
Дили кенг, хулқи пок, ирфонга кон фозил жаҳон кетди,
Садоқат-ла этиб меҳнат, тошиб ҳурмат ва шон кетди,
Ажиб бир дўст, ажиб дилсўз, ажиб ширин забон кетди.

Яшар токай киши умрига бундоғ айрилиқ йўлдош,
Ажаб нодир ҳаёт кўзгусига отди ажал минг тош,
Фироқнинг ханжаридан дил жароҳатда тўкар кўз ёш,
Фалакнинг бу жафосига қаёндан олгумиз бардош,
Тилак, орзу, умид боғи камолида хазон кетди.

Кетар ер бағрига, афсус, бу дўстга алвидо денглар,
Чироғинг ўчмагай ҳаргиз, яшайсан биз аро денглар,
Тирикмиз дилда достонинг сира бўлмас адо денглар,
Кўзинг оч, дўсту ёронлар, бугун мотамсаро денглар,
Яшаб тўймай, неча орзу, умид, армон ниҳон кетди,
Юракларни солиб фарёдга, дўсту меҳрибон кетди.
1968


Јалбим іолган эди бу ерда

Қалбим қолган эди, бир чоғ бу ерда,
Сизнинг дилингиз-ла жўнаб кетгандим.
Аждодим, авлодим қибласи — элда
Қалбимни соғиниб шеърлар битгандим,
Қани бунда ташлаб кетган у қалбим?

Кезиб, сою қоя кўрмаган жондек,
Тоққа тармашгандим толиб тизларим,
Сочилганди шодлик ёқут маржондек,
Лекин тун сел ювгач кунлик изларим
Сирқираб чиққанди толган тизларим.

Аммо яна тонгда тушгандим йўлга
Соя кўтарилмас чўққига дадил.
Қонларга тушганда олгандим қўлга
Юракни кончининг фонуси шакл
Шуъладай қолганди у ерда ҳам дил.

Эсимда, чорлашди юлдузларсимон
Чақмоқ ва бижилдоқ бир давра гўдак,
Мен бўлсам айланиб гўдакка шу он
Ҳар бири кўзидан гўё бойчечак,
Гилосдай боққанди мен берган юрак.

Не яқин-йироққа йўлдош бўлмадим,
Бу қутлуғ умримнинг измида эркин.
Ҳеч ерда ҳеч кимнинг бахтин юлмадим,
Туйғумни изларга отмадим, лекин
Писанд ҳам қилмадим рашклилар кекин.

Ҳар ерда денгизга тушган томчидай,
Қалбим зарраларга кетди бўлиниб.
Аммо дилга кирган ҳар дўст севинчдай,
Илҳом, куч, ҳаётдай жонимга иниб,
Яшадим, дарёдай тўлиб, тўлиниб.

Қолган дил изидан яна келдиму,
Мингларча нигоҳлар сеҳрида қолдим.
Ҳар салом, ҳар иссиқ табассум, кулгу,
Мавжида у қолган дилим кўролдим.

Удумдай, меросдай қон-ла ўтдими,
Бу беҳад кўзларда мавж урган меҳр?
Зарра-зарра қолган қалбим ўтими,
Бизни яқин қилган муаззам сеҳр?

Мен олган диллар ҳам ҳамон қалбимда
Ҳаётим безаги, шеърим жаранги.
Ичган сувларимнинг нами лабимда,
Сочларимда ҳатто йўлларнинг чанги.

Ўша ўт ёшликка мен содиқ қолиб,
Бутун халққа дилим бериб кетаман.
Сўнг бу гул диёрни қўмсаб, соғиниб,
Қуёшдай дўстликни куйлаб ўтаман.
1968


Ґарорат

Ҳарорат не ўзи?
Ҳарорат, ҳарорат,
Бир жаҳон оғушда сезасан ўзингни.
Тупроғинг кўксини тутади ажиб куй, малоҳат,
Минг баҳор жамоли тиндирар кўзингни!
Ҳарорат не ўзи?
Ҳарорат ҳарорат!
Ё меҳр маст этган кўзларнинг боқиши?
Кўксингни тоғ этган самимий мулоқот,
Минг дилда бир тонгнинг нурларин оқиши?
Ҳарорат! Минг йиллар тах-тахни тўлдириб,
Безавол ётган ҳис эмасми ҳарорат?
Асрлар бўрони илдиз-ла суғуриб
Ололмай танг қолган кучмасми ҳарорат?
Ҳарорат, ҳарорат!
Сен қуёш умрига тенгмисан,
Жисмингда минг авлод қалбининг чўғи бор.
Бир осмон юлдузни қамраган океандай кенгмисан,
Ҳар эзгу инсонга порлаган зарранг бор?
Ҳарорат, ҳарорат!
Мен сени сезаман қонимда
Кўрганда фарзанд, дўст, қардошнинг юзини,
Сезаман ўқиган ва уққан онимда
Нур йўлдай дилпараст шеърлардан шоирнинг кўзини.
Уйдами, куйдами, ўрмонми ё саҳро,
Қўнолғам кун кафти, ё музнинг чангали.
Учраган ҳар одам, янграган ҳар садо
Чорлайди ҳаётнинг баҳрига қонгали,
Ҳарорат, бу сенми?
Танҳолик туйғусин,
Заифлик, худбинлик иллатин сеҳр этган?
Элни ёв босса ҳам, гўдаклар уйқусин
Ардоқлаб, тонггача ўқ ясаб, шеър битган —
Зарбдор куч сенмасми, ҳарорат, ҳарорат?
Кўраман: тупроғим кўксида қон томир сингари
Саҳрога жон бериб оқади каналлар.
Нимадир қалбимни уйғотиб, баҳордан илгари
Қўзғатар вулқондай севинчбахш илҳомлар.
Хаёлдай ним шаффоф, фусункор ним оқшом,
Атрофда ўрмонми ё анжир, олма боғ,
Раққоса — руҳларни, завқларни этган ром,
Сеторми, қўбизми, цембалми ё рубоб —
Сўзлайди дилларга халқ дилин узатиб,
Маст этар оҳанглар сеҳри-ю камоли.
Тилни ҳам билмайсан,
Қўшиғи қонингни тезлатиб,
Борлиғинг иситар онанинг алласи мисоли.
Сен ўзинг сезасан қудратга, кучга ёр.
Дўст уйи — ўз уйинг, қўшиғи — ўз куйинг.
Қайғуси қиймалаб чекасан дард, озор.
Шодлиги нурларга тўлдирар дил уйинг.
Ҳарорат, бу сенми, муқаддас, ноёб ўт, ҳарорат?
Овозлар, оҳанглар, меҳмонлар, мезбонлар...
Ким солган бу эзгу одатлар чўғини дилларга?
Йўғириб бир ўтдан, ким қайси замонлар,
Сўнг, ширин яшанг, деб йўллаган элларга.
Ҳарорат!
Бугун ҳам висолдан яшнаймиз, яйраймиз
Юраклар,
Кўзларда,
Қонларда сен олов,
Оловки, қуёшнинг умрига баробар!
Шу сабаб, эй дўстлар!
Кўзу қош сингари сизу биз,
Абадий елкадош,
Тақдирдош, биродар,
Бош узра дўстлик деб аталган ҳарорат нур ялов.
1969


Менинг меµрибон онагинам

Онам, менинг мушфиқ, меҳрибон онам,
Қалбимда овозинг, ўзинг қаерда!
Қуёш оғушига солганми олам,
Шуъладай одиминг қайси асрда?

Қайси минтақада нафасинг ҳаёт,
Қайда ким йўлига кўзинг мунтазир!
Қайси сайёрада эй, сен Одамзод,
Фарзандинг бўшлиқни этмоқда асир.

Қай қабила, қай чўл, қай чўққи, қай ғор,
Сенинг илк шодлигинг шоҳиди макон?
Олам туғилиши эди сен илк бор,
Фарзанд-ла сукутни уйғотган замон.

Қачон эди ўша, эзгу дакиқа?
Юзимда сезаман ўша ҳовурни.
Онам, сен кашф этган буюк ақида
Йиллардай кексартиб аср, даврни,

Ўша қаҳрамонлик, ўша ҳуснда
Коинотда, менда яшайди ҳаёт,
Ажал-ла юзма-юз турган йўсинда
Она лавозимин этаман бунёд.

Ва қонда югурар садоқат ҳисси,
Кўксинг иссикдиги элитар ҳушим.
Оловга ташлайди басир бу жисмим
Ҳануз ўталмаган фарзандлик бурчим.

Онам, менинг мушфиқ, меҳрибон онам,
Кўзимда илоҳий эзгу суратинг.
Яна ҳаёт тўлиқ, булутдай кўркам
Қайда жон бағишлар метин қудратинг?

Хабар бер, таваллуд дардини олай,
Нурда чўмилтирай сени, болангни.
Тарозу — юлдузга беланчак осай,
Сол, ҳаёт бермоқдан толмас танангни.

Туганмас аллангдай айтай ўзингга,
Меҳр бешигида сен ҳам ол ором.
Оҳ, нега келмади уйқу кўзингта
Эй менинг бир умр бедор зўр Дунём!

Бир чоқ ухладингми, мириқиб қониб,
Бир нафас бўлганми бурчларинг унут?
Биламан, мизғисанг ҳаёт бўш қолиб,
Коинотга қайта чўкади сукут.

Ҳеч бўлмаса, ўлтир, узатиб оёғ,
Мангулик йўл босган товон олсин дам.
Тизларингда ётган қўлларинг чарчоғ,
Ҳордиқ олармикан қалб-ла силасам.

Оппоқ сочларингга қора кўзимнинг
Миннатдор нурини қилолсам тароқ.
Чуқур ажинингга боқиб, умримнинг
Бебош тантилигин кўрдим ёрқинроқ.

Онам, эркалашинг, ўгит танбеҳинг,
Бари сутинг каби жонимга озиқ.
Оҳ, буни мен англаб етгунимча минг —
Минг бир аламларни қилмадим тортиқ.

Барисига узр, пойингга чўкиб,
Қўлинг қадоғига эгаман бошим.
Қалбинг инжитмайман кўз ёшим тўкиб,
Эй менинг саховат, шодлик қуёшим.

Оҳ, дарҳол кечирдинг, нигоҳинг таскин,
Ўтинг рутубатим, ҳасратим олди.
Сенга етгунимча бўлган бор дардим.
Йилларим сингари учиб йўқолди.

Ўзимни гўдакдай сезиб тизингда,
Булутдай, қулундай яйрайди таним.
Умринг ифтихорим, ҳатто изингдан
Кўтарилган чанг ҳам, сендай Ватаним!

Сен тупроқ,
осмоним,
қоям,
ўт,
       наҳрим,
Сен сўнгги нидомсан жон берар палла.
Эй, мусаффо кўкси дахлсиз маҳрим,
Мен — она қизингга айт, жонбахш алла.

Ҳар сўзинг бир китоб, сеҳрига кириб,
Сен — Момо Ҳавонинг йўлига тушай.
Бир нуқтасин тўксам, киприк-ла териб,
Ичга солганингни дилимдан қўшай.

Негаки, хоксор, улкан юрагинг,
Узоқ йўл дардини тубга солар жим.
Бир умрлик йўлда кечиб, кўрганинг,
Зарраси мадҳига етарми кучим!

Сўз тилаб койитмам.
Меҳроб тўрида
Ўлтир, қалбинг уриб турса кифоя.
Дилим каби содиқ қалам қўлимда,
Сен ўз юрагингдан бошла ҳикоя.
1969



Менинг тонгим

Она тупроқ оромда ётар
Олиб тунги рисқи-қудратни.
Менинг тонгим қалбимда отар,
Ўйдан, кўздан ҳайдаб зулматни.

Тундан тонгни узиб оламан,
Катта бўлсин деб ишли куним.
Қоғоз узра саҳар ёяман,
Бағишлайман умрига қўним:

Ой қолдирган момиқ изларни,
Кўчираман шеър сатрига.
Иситмовчи шўх юлдузларни
Пайвандлайман ернинг таптига.

Олов чеҳра қизлар қатида
Бахт тўқишга бераман фармон.
Токи яшаб инсон вақтида,
Қуёшга тик боқсин бизсимон.

Менинг тонгим бошланар тундан.
Кузатаман ғунча кулишин.
Тоғ ортида бошланар кундан
Япроқларда шабнам сўнишин.

Сийнадай оқ тонг уйғониши
Ҳуснига йўқ кундузда қиёс.
Саҳар бедор қушнинг хониши
Ажиб шодлик, ёниқ эҳтирос.

Қай уйдадир йиғлади гўдак,
— Бер онаси, хушбўй кўкракни!
Унга темир қанотлар керак,
Тарк этмак-чун бу тор йўргакни!

Узоқ-яқин деразаларда
Бирин-кетин ёнади чироқ.
Шошқин қадам, куй, пардаларда
Янги тонгга киради тупроқ.

Тундан юлган тонгим:
Гоҳ бир шеър,
Гоҳ ўқилган бир китоб бўлур,
Гоҳ умрнинг ўтган беҳосил
Саҳфасига бўм-бўш боб бўлур...
1970


Шафаі

Шафақ нури гўзал, дейдилар,
Мен шафаққа келдим юзма-юз.
Жилваларим зарҳал, дейдилар...
Тонг мисоли тиндирмайди кўз.

Шафақ нури олис, дейдилар,
Қўл узатсам тутар қўлимдан...
Ҳароратдан холис, дейдилар,
Оташ ўсар менинг йўлимдан.

Шафақ умри қисқа, дейдилар,
Чўккан жондай ботар уфққа,
Қолдиргани ғусса, дейдилар...
Менинг жоним тўла қўшиққа.

Юрак заиф, идрок ҳукмдор
Ўтган йўлга боқаман лоқайд:
Қанча тошлоқ, жар, тепа, гулзор
Ўтилганин билмабман кўп пайт.

Фақат битта ўкинч: қаламга
Ўтган кунлар ўтказар ҳукм.
Чап бергандай кўп лаззат менга,
Ўтган қолиб, иқболга юргум...
1972


Яна бугун баµорга зорман

Яна бугун баҳорга зорман,
Ўз баҳорим каби шошқалоқ.
Яна бугун баҳорга зорман,
Кутавериб дил бўлди қадоқ.

Кел, тупроқни муз қобиғига
Олган қишни бир гўрга ҳайда!
Кутмоқ етди интиҳосига,
Куй ниш урар қалб номли найда.

Куйми, ғамми, оромми, азоб,
Не бўлса ҳам тўлғоғи оғир.
Қалбдан,
Тандан юлиб боб-боб,
Ким бўлса ҳам туғади охир.

Баҳор — қўшиқ, таваллуд фасли,
Бунда сенга чунон ҳам зор бор.
Энг беозор туйғулар насли —
Шеърларимга бир доя даркор.

Кел, дилдироқ қалбимни тўшаб,
Бўғин, бўғинимга олайин.
Фақат ўтинч:
Нур,
Шодлик қўшиб,
Йўргаклаб ол, мунг бўлса найим.
1972


Мен туІилган кун

Бугун менинг туғилган куним,
Мени туққан онам, Сиз қайда?
Бедор ўтиб бормоқда туним,
Бир оғриқ бир қон, жонда, пайда.

Туғилганман қайси соатда,
Қанча муддат сиз егансиз дард?
Қиз туғилиш дарди одатда
Бўлган экан Сизда бешафқат.

Бугун менинг туғилган куним,
Тўлғоқдаги ҳолингиз кўзда:
Курси қучиб курашасиз жим,
Қотма жусса гоҳ ўт, гоҳ музда.

Қора терда танҳо бошингиз,
Лабингиз — дашт жўягидай қоқ.
Оғзингизга тиқиб сочингиз,
Танангизга соларлар тўлғоқ.

Беш болангиз дарча ортида
Жонингизни кўриб ўтирган,
Менинг отам қўшни отида
Ким қайлардан доя қидирган?

Бор суякни чок-чокдан сўкиб
Ичингизга сиғмай кетган мен,
Танангизнинг тубида чўкиб,
Чеҳрангизга энтиккан-да мен;

Гоҳ дард тутиб, гоҳи у қочиб
Кўзингиздан сачратган олов.
Фақат азоб эшигин очиб,
Чекинишга қўйган бўлсам ғов;

Томирингиз бўйлаб эзганим,
Тўққиз ою тўққиз кун уйғоқ.
Беш ўғилнинг изиданлигим,
Сизлар интиқ қизча туғилмоқ;

Юзингизни кўришга шошган,
Кўзингизга кирмоқ бўлганим!
Кўксингизга ташна лаб чопган,
Сўзингизга муштоқ бўлганим;

Балки тандан қону ёшликни
Сўрмоқлиқдан ҳижолатлигим?
Юрагангиз бир қуёшликни
Сезиб, жоним роҳатдалигим;

Гўзал қалбнинг тагида ётиб,
Эзгу ҳиссингизда жўшганим.
Ноёб идрок сеҳрига ботиб,
Ухлоқ шеърга шогард тушганим!

Х,а, қонингиз, жонингиздаги
Бир жаҳонни уқиб олганим,
Барчасидан узилиш дарди
Яқинликдан қўрқиб қолганим —

Бари учун, — жаҳаннамий дард
Тўлғоғига отдим не муддат? —
Мен билмайман!
Самовий бир мард,
Жон туғувчи илоҳий қудрат —

Бўлганингиз онларга таъзим!
Азоб учун умримдай узр...
Барин такрор этдим мен ўзим,
Она бўлмоқ — азобли ҳузур...
1972




Јуёш узиб бер

— Мен қуёшдан узиб берай сенга бир парча,
Юрагимдан узган сингари.
Мен қуёшдан узиб берай сенга бир парча,
Ёлғон бўлсин ўтнинг тингани.

Мен қуёшдан узиб берай сенга бир парча,
Борлиғингга югурсин олов.
Кўзларингда маҳв этгувчи у ёлқин чақнаб,
Юзинг ёнсин гул каби лов-лов.

Кул, товушсиз қаҳ-қаҳангдан дурдай тишларинг
Оқ чақнаши қамаштирсин кўз.
Энг ярашиқ либосларда юрт кезишларинг
Эди қандай ўктам ва дилсўз!

Ёнар тоғдай ҳис, тоқатни ниҳол бир танда
Олиб юрган мушкул онга қайт!
Ёниқ эди севинч, ишқ ҳам дард-ҳижрон санда,
Тоқ мисрали бўлганми ҳеч байт?!

Мен қуёшдан узиб берай сенга бир парча,
Севинч, ёниш тори толмасин,
Сен тотмаган шодик, лаззат дунёда қанча,
Сени билмай доғда қолмасин!..

— Йўқ!!!
Бир парча қуёшингга тўлмайди кўнгил,
Сахий эсанг, борини тутқиз!
Бир бор номим ярим бўлган, кемтиклик мушкул,
Доғи қолган, дилда чандиқ из.

Менга қуёш қанот учун, парвоз-чун зарур,
Ахир кураш, бахтга лиқ жаҳон!
Қўлдан тутиб қитъаларга етказсин ҳар нур,
Тўкис, ёрқин куйга тўлсин жон!

Шеърларимда инсон бахти, океанлар кучи,
Тоғлар матонати урсин барқ.
Бўлса менинг куйимга ҳам чанқоқ ўқувчи
Бўлсин қуёш шодлигига ғарқ.
1972



Азиз туйІулар

Баҳор

Инсон кўзларида жон олар баҳор,
Барча томирида унинг тўлқини.
Ўтмишнинг беҳуда они каби қор,
Беиз, бедард эриб кетар учқуни.

Инсон кўзларида жон олар баҳор,
Ўйинқароқ гўдак сингари булут.
Кўк қовоғи уюқ, ёрқин бир виқор
Кишилар қалбидан боқар бўлиб ўт.

Баҳорнинг сеҳргар боқий чиройи
Ёшу кекса кўнглин овлайди бирдак,
Кўзгуни синдириб ташлар.
Киройи
Ҳар кишининг ёши бу фасл дилдак.

Ҳар нурга,
ҳар қушга,
ҳар куртакка шод
Бениҳоя яқин бўлади йироқ.
Гўё сенсиз ҳосил бўлади барбод,
Ҳар тикилган чигит кўксинг этар тоғ.

Баҳор бўлмасайди, одамзод албат
Ўзи кашф этарди, кашф этгандай бахт...

Невара
Улуғбекка

Неварам қуюндай отилиб кириб,
Қаламим тагидан қоғозни юлар.
Дамда варрак ясаб кўкка учириб,
Изидан қоп-қора кўзлари юрар.

Варрак тортар шекил, мурғакни куч-ла,
Оёқ тираб силтар дакани кибор.
Айрилиб қоғоздан, шеърдан ва хушдан
Боқаман варракбоз жонга бахтиёр.

Нақ бобоси сиёқ зеҳндай тийрак,
Кўкиш алангада ёнар сочу қош.
Борлиғи эзгу бир ўт бўлса керак,
Томирларда қонмас, кезади қуёш.

Дака варрак тиниқ зангори фазо
Тубига интилар, шўнғир нақ хаёл.
Талпинган кўксингда, болакай, не бор,
Сен иқболга, сенга не тутар иқбол?

Невара бўлмаса, одамзод албат,
Ўзи кашф этарди, кашф этгандай бахт.

Мажнунтол

Яланғоч дарахтлар ора мажнунтол,
Шоир хаёлидай латиф, серҳашам.
Бутун новдалару танлари зилол,
Шу ерда таваллуд топмиш илк кўклам.

Зилол бу ёмғирнинг тагида бир чол
Умр ва қиш юкларидан гўё олар дам.
Юз-кўзида яйрар баҳорий хушҳол,
Кифтга зилол толдан тўн ёпмиш кўклам.

Мажнунтол йиғлоқи, боши ҳам дерлар,
Қўлларин чўзган-чун тупроқ тафтига.
Ҳаёт-чун, ҳусн-чун, ризқ-чун таъзим-ла
Лабларин қўймоқчи сахий кафтига.

Дарахт ҳам инсоний ердан олар жон,
Инсон қачон ердан кеттан узилиб?
Мажнунтолда зилол шодлик бир жаҳон:
Яшайди тупроққа садоқат бўлиб.

Садоқат бўлмаса, одамзод албат,
Ўзи кашф этарди, кашф этгандай бахт.
Наздимда
Наздимда асаблар бўлмиш увада
Ҳуда-беҳудага бўламан фиғон.

Фитна, дағалликми фикрим чувалаб
Шодлик оқимига ташлайди тўғон.
Шўнғийман нокерак икир-чикирга,
Шунчалар яшнар кўзда қалқиб қолар ёш.

Лекин онг, қалбдами дард билан бирга,
Балқир отам изми, онамдаги дош.
Отам пўлат букиб, омоч қуйгандай,
Қоғоз узрамен ҳам юритаман омоч.

Қўриқ қатламида бўстон туйгандай
Дил ундар: «Заррама-зарра ҳамки, оч!..»
Борлиғимни йигит қудрати қучар,
Руҳимга ойдаги бокиралик ёр.

Ишлайман, қатламлар кўчкидай кўчар,
Мен туйган бўстонлар чорлар сервиқор.
Меҳнат бўлмасайди одамзод албат,
Ўзи кашф этарди, кашф этгандай бахт.

Боғлар қийғос гулда

Боғлар қийғос гулда — яхлит бир чаман,
Ҳар дарахт анвои бир тароватда.
Бир кафт боғ меҳнату ҳосилга ватан,
Ўзга кўрк,
ўзга ранг ҳар бир дарахтда.

Ҳар навда бир гулда, ҳар гулда бир рўй,
Ҳар дарахт барги бир дунё ҳикоя.
Ҳар бирин ҳосили ўзгасига кўрк,
Бири бири учун қудрат, ҳимоя.

Ватаним кўзимда: қай бурчи азиз,
Билмам, қайда толе серзавқ, сержило?
Ялпи тўлишади бедахл юртимиз,
Нақ ҳар қаричи дил, жон томир гўё.

Бир қардош тинчисиз — ўзга беором,
Бирининг нонисиз — ўзга эмас тўқ...
Бу — қадим дунёда янги бир олам,
Бунда орқа тоғсиз бир тирик жон йўқ.

Таянч бўлмасайди одамзод албат,
Ўзи кашф этарди, кашф этгандай бахт.

Орзу

Орзу, иш кучимдан кўринар зиёд,
Чала қолишидан ёнаман рашкда.
Сеҳргардай тортар бағрига ҳаёт,
Бошим, қалбим, қалам қолар талашда.

Ҳаводай, эркалаб,
вақтдай шошириб
Гўзаллик,
мушкуллик,
дард,
лаззат қучар.
Денгизни қимиздай обдон шопириб,
Тўймай, дил фазога кемадай учар.

Гоҳ Чорвоқ ГЭСдаман,
гоҳ Таллимаржон
Офтобида куйиб ташийман тупроқ.
Мен қучоқлаб сочган чигит бир майдон
Пахта бўлиб тошар, кўз оқимдан оқ.

Бу орзу,
  бу умид,
бу эзгу уфқ,
Менинг қад, қиёфам, қалбим кенглиги,
Хотима йўлига ташланган тўсиқ,
Яшаш ишқин мангуликка тенглиги.

Орзу бўлмасайди одамзод албат,
Ўзи кашф этарди, кашф этгандай бахт.

Бағрингдан қўйма

Майли, заифлигим, кўз ёшим суйма,
Ялқовлигим, нуқсим экан бедаво.
Мен тортган дардларнинг заҳрини туйма,
Туйганда инжитиб бердингми сазо?

Бахтдан, бахтсизликдан қолсам довдираб,
Сенга қўшиқ айтиб, сенга дейман дод.
Ёнсам сув сепасан, сўнсам ёндириб,
Бошингга кўтардинг онадан зиёд.

Йиллар қанча олиб кетса — шунча яқинман,
Борган сари ортар тотли насибам.
Қайга бормай қайтгум, сенга интиқман,
Менинг оҳанграбом, менинг нашидам.

Қонимдаги ёниш, бебош ҳисларим,
Қониқмас таъбимни зиқликка йўйма!
Қайноқ севгим, куйим, совуқ жасадим,
Она Ватан, ўтинч, бағрингдан қўйма.

Ватан бўлмасайди одамзод албат,
Ўзи кашф этарди, кашф этгандай бахт.
1972



Камалак

Баҳор қўйнидаман,
Йўл бўйидаман.
Чексиз кенгликларнинг кўксида лола —
Нақ анор доналар сочиқ яшнайди.
Лола сайримизни бузиш ўйида
Қуйиб берди жала,
Тошди шалола,
Табиат шу дам нақ ўктам, шум бола,
Уфкдан-уфққа кўприк ташлайди.

Мен-чи?
Менга кўприк ҳар недан керак:
Лолаларни кўзга,
Дўстлар танбеҳин
Баҳор нафаси-ла нондай оламан.
Не бахт!
Янги йўлга чорлар камалак:
Йўл — қўшиқ!
Инсонлар қалбига тағин
Янги қаҳрамонлик,
Мўъжиза тафтин
Забт этмак азмида жўнаб қоламан.

Камалак!
Нақ бизнинг буюк эртадай
Энг суйкум,
Энг лузум,
Азиз эркадай
Жозиб!
Мен йўл бўйлаб ташлайман қадам:
Оҳиста олинган кинолентадай,
Яйраб, севги каби силжийман хуш дам,
Шошмайман;
Тўрт атроф гўзаллигини
Илк чирой тарк эттан жуссамга олиб,
Унинг етти икдим кўрмаган рангин:
Рухсорим,
Лабларим,
Кўзимга солиб,
Диллар аро ғовни бузиб,
Вайронлаб,
Энг эзгу сезгидай ярақлаб, сузиб
Кирган дилларимни ҳайрат, ҳайронлаб,
Қаҳ-қаҳлаб,
Ярақлаб,
Чақнаб бахт дардин
Қонларимга қуйиб оламан ёшлик!
Юраман!
Ўтган йилларимни ўтмишга ташлаб:
Гарчанд на сотқинлик,
На бағритошлик,
На риё доғидан зарра бир нишона!
Бир қадар оғирлик,
Ҳордиққа мойиллик туйғуси ғашлаб,
Умрим кемирса ҳам
Ҳаёт неъматидан тўкисман, шодон.
Юраман!
Йўлларим ёзги қуёшдек!
Йўлим — элим йўли,
Элим — қуёш йўлин йўл деб билган халқ.
Ҳар йил бир донами,
Юз дона, майли,
Ўлмаслик қасриға ғишт қўйган ҳар вақт.
Унинг камолоти,
Яратишининг,
Меҳнату ижод, шон таратишининг
Қайновлари ичра пишмакдан сербахт —
Ҳамоҳанг,
Ҳамсалмоқ қўшиқлар битсам!
Балки узоқ бундай мен ҳавасманд тахт,
Лекин мен интилган юраклар қат-қат —
Бирига бўлмаса — бирига кирсам!
Шукр, қалам ҳордиқ қилмайди талаб,
Демак, менга ҳордиқ кексаликдай ёт.
Ана,
Минг бир жилва билан чорлар камалак
Ваъда қилиб қалбга тинчи йўқ ҳаёт!
Ана етти рангда
Етмиш хил жило,
Бири чорлар, аранг бир сирин очсам.
Сирлар билан жангда
Бир орзум сочсам,
Мингги билан бойиб довонлар ошсам,
Дилдаги бўшлиқнинг барчаси ғойиб!

Қўшиққа айлангич гўзаллик кезар,
Уни елқин, жўшқин туйғулар безар.
Эҳтирос,
Истакни тутамлаб дилга
Отсам
Ундан янграб сачраб чиқар шеър!
Юрак-ла
Қўшиқ-ла интилсам элга,
Менга энг мунис дўст бахш этар ҳар ер.
Кимнингдир бир оғиз танти иқрори,
Кимнидир титратиб оғушлаган нур,
Кимнингдир бир умр ўчмас дийдори —
Эмасми биз жон деб авайлаган қўр!

Бизнинг кўзимизда,
Томирда,
Қонда
Шу жоду кезмаса недан ҳарорат?
Билай:
Қайдан чўлда олтин ундирган,
Дарёлар жиловин,
Фазо яйловин,
Забт этиб, мулк этган инсон яйровин —
Янги оламдаги улкан матонат?
Олдда ярқирайди менинг бош йўлим:
Етти иқлим томон, етти йўл бўлиб.
Еттига парчалаб биргина дилим
Чақнаб чақмоқсимон,
Жозиб ва сўлим,
Чорлаб чақиради ажиб камалак!
Етмиш жилвасида шошқиниб юриб,
Етти жилғасида тошқиниб, тўлиб
Бир талай қўшиқлар термоғим керак!
1973


Орада саµифа іолибди бґм-бґш

Ёзардим.
Асабу фикрим савалаб,
Варақлабман нафис дафтарим дағал.
Бўш саҳифа қолмиш,
Қалб тубин кавлаб,
Тимдалайди энди ахтариб ғазал.

Ўртада саҳифа қолибди бўм-бўш,
Нақ ёшлик — кексалик уфқлари ора.
Оро йўл — гўёки жароҳатли тўш,
Гоҳ битиб, очилиб тургучи яра.

Оро йўл... Мен ўтган ҳаётнинг мўли,
Ўчли меҳнатларнинг ёрқин довруғи,
Энг жонли куйларнинг тўқилган йўли,
Етим муҳаббатнинг ўчмаган чўғи.

Оро йўл...
Бир жоннинг минг бир тоифа
Тўкислик,
Ўксуклик,
Кибрига шоҳид.
Кўз ёш чақнаса ҳам, шеъри тожида
Толе шотисида чопмоққа хоҳиш.

Оро йўл...
Қалбимдан юлинган бир бахт,
Вайрон бўшлиғида ўчмаган олов.
Қайта бир ҳокимга буюраман тахт,
Арзон ҳаваслару,
ҳирсу ирсга ёв,

Ўзгалар бахтидан севинчи тошган,
Инсонлар қалбида кўтарган кўкка,
Шаъни сарҳадлардан ошкора ошган
Бутун борлиғи-ла бахшида юртга...

Табиатда бўшлиқ бўлмаганидай,
Умримда бир бенаф йўқдир оро йўл,
Қудуқ ҳеч жаҳонда тўлмаганидай,
Асло тугамасин менга оро йўл...
1973


Бґрон іучоІида

Бўрон қучоғида қолдим бир оқшом,
Табиат ва қалбим ичра тўполон.
Нақ илк бор май тўла сипқаргандай жом,
Бир қанотим ором,
Биттаси туғён.

Тўлқинга ташланган кемадай қалқиб,
Қудратли, меҳрли қирғоқ излайман.
Бўронни қўзғотган боисни олқиб,
Борлиғим юлқиган қўлни сизлайман:

Олинг, оёқларим ерга тегизмай,
Қаёққа учсангиз, шу ёққа учай.
Қалбим, хаёлимдан қулочлар ясаб,
Ҳеч ким қучолмаган чақмоқни қучай.

Унинг парчаловчи мудҳиш ўтидан
Хаёлдан ҳам эзгу яратай қўшиқ.
Яшин дарахтининг олов ҳуснидан
Ернинг лабларига сочилсин учиқ...

Қани, авжга кўтар бор жазавангни,
Юз томондан силта изғириқ қамчинг.
Танам бўйлаб ҳайда ўт аравангни,
Дўл бўлиб ёғилсин ҳаётбахш томчинг.

Юлқи ва тортқила!
Бош бошларимдан,
Билай яна етар неларга кучим.
Бахт ёнлаб ўтган у гул ёшларимдан
Қолдимикан ҳеч не, азиз ўқувчим?

Ўлтирибман бўрон ичра сервиқор,
Мен суянган токнинг сирқирар занги.
Иккимизда бир хил пўлат чидам бор:
Изтироб меваси,
Шодликнинг ранги!

Бўронсиз юрак-ла ўлардим карахт,
Бўронсиз табиат кўки яшинсиз.
Насиб бўлмаганда шеъриятдай бахт,
Қашшоқ ўтар эдим йироқ, яқинсиз.
1973


Мен ґтган умрга

Ҳаёт китобимни бехос варақлаб,
Мен ўтган умрга ачинмай қўйдим.
Табассум ўрнида кулдим чарақлаб,
Суйиш керак бўлса — телбача суйдим.

Кийганим ипакми,
читми ё кимхоб,
Юрак бойлигидан қилмабсан парво.
Мени оғушлаган ҳаёт нақ офтоб,
Янги қўшиқ талаб бунда ҳар сабоҳ.

Мен ўтган умрга ачинмай қўйдим,
Ҳеч кимда кўрмайин умримга ўхшаш:
Суйдим,
Эркаландим,
Айрилдим,
Куйдим,
Иззат нима билдим,
Шу-да бир яшаш!
1973


Келажак…

Келажак!
Бир умр кўзимда турасан,
Мен сенинг барингни тутганда,
Тонг каби яшариб, орзуни қучганда,
Эртага чорлайсан чароғон
Кўрсатиб хаёлнинг оқ чақноқ силсила тоғлиғин!

Эрталар!
Эрталар саноғин сўнги йўқ,
Эрталар.
Эрталар ҳар бири шоҳ қўшиқ,
Энтикиб довонлар ошмоққа юраман,
Чиқаман,
Тушаман,
Бораман бир ечмай истакнинг чориғин.

Келажак!
Сен эса замину қуёшдай йўлдасан бетўхтов!
Келаринг — борлиғи сир, орзу,
Табиат ўзи ҳам,
Дониш ҳам,
Жоҳил ҳам қўёлмас унга ғов.

Билмаймиз:
Қўйнингу қўнжингда
На сиёқ туҳфалар бўлажак,
Ким умрин энг синчков мезони — тарозу
Палласин қай бири не сиёқ тўлажак.
Сен жамол очасан:
Ҳар кун бир сабоҳдай.

Юртимнинг,
Халқимнинг энг мумтоз иқболи сингари.
Кечмишим ёлғиз бир алифбо — сабокдай,
Сен эсанг мен тинмай уқиб ҳам ўқигум,
Куч етса атласдай қўшиқлар тўқигум,

Кўп гулшан,
Кўп улкан,
Кўп жозиб бир дунё, —
Бундайин акс этган на Фарҳод кўзгуси!
У — бизнинг бугунги кунимиз.
Эрта-чи?
Эртамиз на хаёл, на рўё,
Бугундан кўркам у,
Қон-қардош элларнинг дўстлиги қургуси!

Келажак!
Сен оҳу сингари имлашдан,
Инсонлар орзусин онадай тинглашдан
Тинмаган сийнадай оқ майдон.
Биз — бугун кишиси!

Келажак — эртамиз,
Кўкка илк йўл солган авлодли ердамиз.
Замон-чи?
Яратиш дарди-ю шавқи ҳам,
Дил каби парвозли, ардоғли шан замон.

Келажак,
Сен томон юрганим,
Қаламни сурганим,
Кўрганим сари сен кетасан югуриб
Ва сўнгсиз йўлингдан мен териб олажак
Меванинг сараси қолади тўкилиб:
Енгларинг қатида,
Рўмолинг учида,
Қанотинг патида,
Жаҳондай беқиёс дастурхон ичида
Кетади ҳеч битмас тилаклар тугилиб.

Чақмоқдай чўрт кесиб йўлингни тўсганлар,
Шиддату меҳнатдан муждалар югуриб,
Яшиндай ярқираб олдинга ўтганлар,
Қўлингдан тушиб.
Довонлар ўтишиб
Фазога учганлар авлоди бўлсам ҳам,
Ўкинчим битмайди,
Энг учқур илҳомлар қаноти — хаёлда учсам ҳам
Қучоққа олишга.
Қўшиққа солишга дамларим етмайди!

Келажак!
Қўлларим етмаса-етмасин,
Куйларим битмаса ҳеч қачон битмасин!
Келарлар қўли-ла битилур!

Мен чиққан чўққидан парвозга чиққанлар
Сендан ҳам суръатли,
Биздан ҳам журъатли
Силсиланг ошганлар етажак,
Ҳеч аср битмаган энг ёрқин,
Энг яқин қўшиқлар битажак!

Мен эсам шу куйни нақ ўзим битгандай,
Келажак минг йиллар ўркачин ўткандай
Қувонарман!
Қайтадан дилимда,
Чеҳрамда ёшликнинг,
Замонга эшликнинг, шодлиги барқ уриб кетажак!
1974


* * *

Очинг деразани!
Очинг, меҳмонлар келди.
Тасвиридан ожиз,
Мен ном топмаган,
Латиф,
Куйдор,
Нурдор
Шамоллар елди.
Баҳор ҳали кўкда,
Бениш куртакда,
Ғунчада, бинафша баргида бўртар.
Очинг деразани, унинг ортида,
Кўпчиган кўкрак-ла,
Нурга қорилиб
Лутфан гу-гулайди бир жуфт кабутар.
Очинг деразани!
Кирсин хонамга,
Мен унинг қувончин кўрмоғим даркор!
Ким билсин, қушдаги гўзал оламга
Суқулмоқда катта, қўпол гуноҳ бор?
Ана сайрашади нурга қорилиб,
Мендан олдин баҳор сезган кабутар.
Балки қуш қалбидан куй бўлиб ёниб,
Баҳор менинг таним, дилимга ўтар?
Ошиқ дил ҳам ҳуркак,
Ҳам беҳад жасур,
Иккисидан ўсар битта муҳаббат.
Очинг деразани, гу-гулашсин ҳур,
Қуш шодлигин англаш ўзи ҳам бир бахт...
1974


Пушкинга

Мен — шарқлик
Шарқликлар удуми шундай:
Азиз кишимизни Сиз деб атаймиз.
Россия тунидан туғилган кундай
Дилимиз ёритиб яшар даҳонгиз...
Шарқ — шоир макони,
Шеър — юрак қони,
Биласиз, шеър демак — дилдираган жон,
Қул қўли кишанда,
Тул ғамга банда,
Зулмдан ҳориса шеър битган хон.
Хонлар ўтди қуллик аравасида,
Қўл эмас дилдан ҳам кишанлар тушган.
Сизнинг Россия-ла
Бизнинг эллар ҳам
Бир бутун юракдай бедахл гулшан.
Яхлит гулшан элда йиллар заргари,
Халқ ўлмас зарларни терди саралаб.
Шеърият боғида,
Минг хил либосда
Рус қалбин бетакрор сўнмас бир созда
Сиз куйлаб юрасиз диллар оралаб.
Ёнингизда Шарқнинг мўйсафидлари —
Навоий, Фузулий, Ҳофиз асрлар
Ўта келиб сиз-ла қуради суҳбат.
Бир орзу, бир дард-да чақнар сатрлар,
Ёритар чеҳрангиз ҳудудсиз шуҳрат,
Шеър тожи ўлмаслик аталмиш қисмат!
Александр Сергеевич!
Қисман не жумбоқ,
Гоҳ у тоғ чўққиси, гоҳ бу тубсиз чоҳ!
Ишқдан, эзгуликдан,
Дард, ҳақиқатдан
Йўғрилган мисралар дилларга ҳамроҳ.
Йиллар Сизга келиб ўтади бойиб,
Диллар ўз меҳри-ла шаънингиз ёйиб,
Замон ўтган сари чақноқроқ ҳар сўз.
Ўқ тешган танингиз она-Ер қучиб.
Дилингиз ҳар сўздан боқар нақ юлдуз.
Мана, мен ҳам ўз-ла қолган чоғимда,
Дил ё хит, дил ё шод истаб суҳбатдош,
Навоий ё Сизни қўлга оламан.
Менинг аёл қалбга Лайли, гоҳида
Татьяна бўларкан энг мунис йўлдрш,
Аёл буюклигин куйлаб қоламан.
Ва нақ Сиз бошимда зукко муаллим
Турасиз, мен сўзга бераман пардоз.
Буюкликка шогирд, заиф қаламим
Ўлмас музангиздан олади парвоз.
Навоий демишки:
«Шеър — дил ҳамроҳи».
Бугун юлдуздан кўп Сиз ҳамроҳ диллар.
Қани эшитсангиз, қай жаранг, оҳанг
Ўқир ўз тилида Сизни не эллар!
Янги тонг отмоқда, кекса асрда
Гўдакка кўкрагин тутади она.
Ким билсин, қай уйда ва қайси тилда
Янграр сиз тинглаган ё битган алла...
Она қалби Сизнинг шеърдай сертўлқин
Келажак қўлига бермакда бугун.
Бу кўксим — паноҳи, учиб ҳорганда
Қўниб бир зайилда уриб турар жой.
Сиз қалбим экранга аксин солганда,
У бир зум оларди ҳордиқ, ҳойнаҳой.
1974


Экрандаги юрак

Йўқ, доктор, бу юрак меники эмас,
Бир зайил урувчи соат милидай.
Тинчлик истасам-да, измимга кирмас,
Бу битта лоқайднинг содиқ тилидай.

Ўтган йиллар шоҳид: менинг юрагим
Нақ кўкда потирлаб ўйнар кабутар.
Долғали денгизда кема сузмас жим,
Тоғдай тўлқинларни қоқ кесиб ўтар.

Балки, бу қаддимни тик тутиб турган
Ҳаётим риштаси — тириклигимдир?
Мудом жўшқин умрим ҳукмида юрган,
Қадрига етмаган пинҳон шеъримдир?

Билмайман
Ва лекин менинг юрагим
Экранга сиғмовчи бир олам сиёқ,
Бир зайил урмайди. Мисли тилагим
Куну тун тинмовчи синчков бир сайёҳ.

Ҳар инсон қалбидан
Излаб қўналға,
Истайди ястанса майсалар бўлиб.
Кўп чоғ кўксим ташлаб кетади олға
Ва қўшикдар топса қолар жўр бўлиб.
1974


Юлдузлар алласи...

Юлдуз на иситар, на ёритармиш,
Табиатда бундай мантиқсизлик кўп.
Боқсанг кўз гавҳаринг оғритар эмиш,
О, бундай ҳақиқат менга таниш хўп.

Мендан сўранг унинг шивир-шивирин,
Дилни не лаҳжада киритган тилга.
Ҳар чақнаши ағдар-тўнтариб фикринг,
Ширин маст этганин ўт солиб дилга.

Дилни соғинч дарди ёқса ногаҳон,
Ёмғирдай бир йўла юлдуз ёғилур.
Кириб томирингга сендан ҳам пинҳон,
Ёз офтобисимон шодлик ёқилур.

Фақат у юлдузнинг билсанг борлигин,
Юлдузим деб билса кимдир сени ҳам,
Дард, андуҳ, масофа йўқолиб секин,
Юлдузлар алласин биласан малҳам...
1975


Мен бґлмасам

«Не қилайлик?», «Қандай бўлса?»,
«Нечук бўлур?» —
Сўрасангиз, наздингизда кўнглим тўлур.
Болажонлар, бир кун шамдай бу жон сўнур,
У чоқ кимдан сўроклайсиз, мен бўлмасам?

Гул эмасман, кўзингизда турсам яшнаб,
Чинормасман, турсам йўлга кўлка ташлаб.
Гўдакмассиз, юрсам сизни йўлга бошлаб,
Не бўлади уйингизда мен бўлмасам?

На илож бор, бир насиба бўлади кам,
Бу заҳматкаш, тинмас қалам олади дам,
Бир неча вақт дилингизга тўлади ғам,
Бир кун келиб уйингизда мен бўлмасам.

Бу қадрдон ишхонамда ўчар чироқ,
Аста-секин дўсту шогирд кетар йироқ.
Уйдан-уйта бўзлаб юрар етим фироқ,
Бир кун келиб уйингизда мен бўлмасам.

Гоҳ чеҳрамни тунд этганда ер ташвиши,
Ғусса бўлиб босса куннинг қолган иши,
Бири у деб, бири бу деб юрган киши,
Не дард экан бир кун келиб мен бўлмасам?

Жон бағримдан узиб сизга берган ҳаёт,
Гоҳ кўрганда чеҳрангизни шодликка ёт,
Ёстиқ қучиб унсиз, пинҳон солганим дод
Билармисиз уйингизда мен бўлмасам?

Ҳар қаричи кўз ёшимдан шўраланган,
Ҳар ниҳолдан азиз боғбон сўроғланган,
Шу боғбондан жуда эрта мерос қолган
Бу даргоҳда не кайф кезар, мен бўлмасам?

Ҳар ғиштида баҳоримнинг бир япроғи,
Ҳа бурчида ҳароратим дил ардоғи,
Сизга асқаб толе тўла ҳовлим боғи
Кулгингиздан батанг келсин мен бўлмасам.
1975


Тун тґла іґшиііа

Наздимда тун тўла қўшиққа,
Лекин уни тинглаб, тингламаган бор!
Кундузлар бахш этган шодликка
Маст бўлиб тунларни кутар зор.
Тун менга содиқ дўст сингари
Ёп-ёрқин бағрини очади.
Зуғмимдан бир нафас тингани,
Қовжироқ кўзимдан уйқулар қочади.
Қочавер,
Кетавер,
Кутганлар сени кўп!
Оз эмас тун кўксин тешганлар мен сиёқ.
Кундузнинг қуралаш ишлари элаб хўп
Ўткизгач, дилларни тинглайман яхшироқ.
Заводлар юраги тинмайин яқину йироқда
Эл учун,
Мен учун ишлайди.
Шаҳримга сочилган саноқсиз чироқлар
Ҳамшаҳарим рўзтори,
Бахтидай яшнайди.
Кимлардир елади биз томон;
Тунлардан юқори,
Юлдуздан пастларда.
Минг сомон йўллар-ла кесилган бир осмон,
Мезбонлар манзилин картаси дўстларда,
Келишар,
Кетишар
Ва лекин юракда
Уловга тобемас муқаддас йўл ҳам бор.
Меҳрдан поёндоз тўшашга,
Элчилар юбориб энг учқур санъатдан
Жаҳонни чорлашга бир ўктам ҳаққим бор.
Кундузлар етмаслик ишим кўп,
Ҳар юртга ақалли бир мактуб,
Ҳар дўстнинг қўлига парчалаб бир қалбни
Тутқазгим келади бу замон.
Муқаддам юртимда кезувчи нур жаҳон
Ҳақида бир ўтдай шеър ёздим мен қачон?!
Ҳар бири — бир дунё, инсонни кўтариб қўлда даст
Меҳнати қилади намойиш.
Мен шундай қудратли,
Бир танти,
Бир сахий одамлар сафига суюк, эш:
Чотқолнинг кўксида туғилган булокдай
Қайновчи дилимда туғилар энг тиниқ минг фикр.
Кўзимга солинган энг сурбет қуроғдай
Уйқуга чап бериб,
Барини шеър билан этаман мен зикр:
Уззукун ишлаган деҳқондан мен бурчли,
Тунда ҳам тинмаган ишчидан мен хижил.
Шу сабаб тунларим кундуздан ҳам ишли,
Энг ёрқин,
Энг тиниқ қўшиқлар тинглар дил.
Тинглар дил
Ҳар аёл достонин,
Тонг саҳар паллада айтилган алласин.
Сув ости ўлкасин
Ва ойнинг кўлкасин,
Ғунчалар лаб очган фусункор палласин —
Қўшиққа солмоқ-чун
Наҳот мен кўрганман?
Уйқуга тўймасам, тўймайин,
Айтинг-чи, қай замон мен нега тўйганман?!
1975


Болакай

Кўзларингда чуқур ўй,
Ҳайронликми, изтироб?
Кундан-кунга чўзиб бўй
Нега излайсан жавоб?

Мурғак фикринг етолмас
Бу дунё ўйинига.
Севиб, отдилар паққос,
Сени тақдир қўйнига.

Ҳаётинг икки ора
Талашлигин билмайсан.
Соғинчдан дилинг пора,
Лекин ошкор қилмайсан.

Гўдакликдан чиқмасдан
Улғайтдилар умрингни.
Жонларига суқмасдан
Сўндирдилар кулгингни.

Толхивичдай жуссангда
Қаердан тоғдай тоқат?
Айт-чи, пинҳон ғуссангдан
Олиб бўларми фақат?

Ўйласам кўздан жовдир
Оқади ёшим сели.
Бу — сен тўкмасга қодир
Соғинч ҳисси шекилли...

Борлиғим бўлиб юрак
Бошгинангни силайман.
Ҳеч дарз кетмас, бўлинмас,
Яхлит такдир тилайман...
1975


Дґстларим...

Нақадарлик оғрийди бағрим,
Ўзни танҳо сезаман букун,
Дўстларимнинг соғинчи, баҳри.
Юрагимда кўтариб тўлқин —

Гирдобига олди борлиғим,
Барчасини чорласам ёнга.
Суҳбатларга ташна, зорлигим
Сиғмаяпти ёруғ жаҳонга.

Қаламимнинг юриши хитроқ
Бўлса, сизга интиқлик сезгум.
Фикрим парвозлардан йироқроқ
Қолса сизни ахтариб кезгум.

Ва топганда қайноқ баҳсларда
Майли, заиф сезсам ўзни гоҳ.
Дил ўт олар, бу оташларда
Пўлат ўтдан чўғ олган сиёқ.

Чақнаш билмай сояда изи,
Яшагандан чақмокдик афзал.
Сокинликни севмайман ўзи,
Ўлсам ўлай, дўстлар жам маҳал.
1975


Оташпарастлар

Жануб туни денгиздай бетуб,
Юлдузлар чақнайди сернур.
Гуё жаҳон зулматин ютиб,
Юксакликда шалола ёнур.

Бу бир уфқ — шафақдай гулхан,
Табиатга инсондан туҳфа.
Сувни ўтга этишиб пайванд,
Буюрмишлар: «Курашдан тўйма!»

Курашади
Этак, соч олов,
Нақ қасоскор лўли қиз рақсда.
Инсон ақлин атаб беаёв,
Оташ ва сув туганмас баҳсда.

Биз чиқамиз зинама-зина
Нақ меҳробга юрган сингари.
Полапондай жонланар сийна,
Оташ томон парвоз қилгани.

Икки аёл қўлини тутиб
Ўртамизда борар дўстимиз.
Аёлликни бўлмас унутиб,
Эркакларсиз ёнмас ўтимиз.

Деймиз унга:
Олов на даркор,
Бор қиёфанг тоғнинг вулқони.
Прометей ўтга қолса зор,
Сенга келар совигач қони.

У оташга бизни эргаштир,
Ўт олайлик кафтимиз тутиб.
Сўнг тонггача машқ этайлик шеър,
Оташ кучин тараннум этиб...

Олиб чиқди.
Сеҳрлангандай
Юзларимиз бўлди оташранг.
Олов тиллар асирлагандай,
Илк бор бизга шодлик берди жанг.
1975


Јґшиі

Рассом Чингиз Аҳмаровга

Гўзаллик ҳақида шеър ёзиш мушкул,
Буюклик фикрингни қилганида лол.
Иккиси олдида рост келсанг буткул,
Ташбеҳга мазмунни жуфтлаш ҳам маҳол.

Гўзаллик олдида лол қолганим кўп,
Бўёқлардан ҳайрон, туйғулардан маст.
Иккиси бир йўла сеҳрида тутиб,
Энтиктирган дамда шеър ёзиб бўлмас.

Неча жазм этганман назм тизгали
Ҳайрат бўронлари савалаган дам,
Қўймади ёзмоққа журъат қилгали
Сиздаги маҳофат, ёниқ мўйқалам!..

Бугун ҳам қўшиққа сололмай ҳалакман,
Афтидан жодули сиз қайда, мен қайда?
Заковат сеҳридан бир масту аластман,
Туйғусиз тош дил ҳам кайф топар бу майдан.

Табиат сабоғин бахш этган чоғ сизга
Билдими, сўнг ўзи ёнишин бир рашкда?
Лоқайдлик, дағаллик суқулса гоҳ бизга,
Маҳв этар сиз чизган бир жайрон қарашда.

Сиздаги қалб кўзи, мўйқалам тиғ учи,
Асрлар тубига киради журъатли.
Тафаккур, тасаввур аталмиш чўғ кучи,
Тирилтар тангри ҳам унутган сувратни!

Қарайман:
Мардум, шоҳ сиймосин рамзига;
Шоҳ, хоқон ҳар замон, маконда бир тоиф,
Диллардан эзгулик, кўзлардан интиқом боққанда,
Сойларга қулаган тошсимон у ғойиб!

Аждод-ла висолдан кўкларга етар бош,
Бу — меъмор, бу шоир, бу фаллоҳ,
Ўлмаслик қасрига тирноқ-ла
Гул ўйиб сўнг унут бу — наққош!

Бу — на бахт, на имдод тамаъда чўзмаган қўлини.
Беш аср йўл ўтган жинсимга қарайман:
Шафтоли ёнокда қотган ёш дўлини
Қайноқ бир сукутда меҳрли киприк-ла тарайман.

Такдирга тик боққан нигохдан ногаҳон оқар мунг,
Мунг эмас, топталган туйғулар қасоскор қўшиғи!
Қарангки, танозил асрлар уйқуда ётган сўнг
Куйдирар иболи кўзларнинг қоп-қора ўт чўғи!

Бу гулрў — на бека, малика!
Бир эрксиз канизак,
Гарчанд зар ва нурдан тўқилган пешонабоғ бошда,
Бир тунлик хирсият қурбони!
Тақдирдан нафрат-ла кулгандек
Ярқирар бокира бир поклик чимрилган ҳар қошда.

Хижилман сўз топмай маҳорат, бу санъат нақлига,
Куйлолмай муносиб ва жозиб жарангли бир найда.
Бу ранглар, бундай зид туйғулар жангини ақлга
Сиғдириб, баёнга солмоқлик қайдаю биз қайда?

Ҳар ерда қалбингиз ранг бўлиб сочилмиш:
Муҳаббат ва ғурбат, садоқат, адоват достони бўлиб гоҳ.
Саройлар девори, пештоқдан,
Зарварақ, сувратдан
Гоҳи тонг, гоҳ шафақ сингари боқади ярқираб.

Ўзбекнинг ўтмиши,
Бугунги инсоннинг шуҳрати жаҳонни тутмиши,
Сиздаги заковат кучидан
Ёмғирдан сўнг чиққан офтобдай очилмиш,
Қўшиққа айланмиш сеҳргар мўйқалам ном найда.

Сиз эса яшайсиз, бу камёб шуҳратга бериб чап,
Меҳнатга бахшида умрнинг ҳар дамин —
Ижод-ла эркалаб,
Заҳматдан бахтиёр!
Қаноат, мағрурлик қайдаю
Санъатга фидолик, фарзандлик қайда?

Санъатнинг қиммати ўлчанмас олтину дур билан,
У мангу — диллардан жой олса бахш этган байрам-ла!
Тасанно, маҳлиё, ташаккур сўзларин ёзишга нур билан
О, суюк мусаввир —
Биздайин камина мухлисда куч қайда,
Сиз қайда?!
1976


Янги ерлар

Янги ерлар кутар янги қўлларни,
Жон тилар ҳаётга кириб келгали.
Янги ерлар кутар янги йўлларни,
Баҳордай минг турфа либос кийгали.

Янги ерлар кутар қадим ерлардай
Инсондан севинчу, заҳмату, неъмат.
Қаддин кўтармак-чун жасур эрлардай
Илтижо қилади:
«Биз ҳам беминнат.

Сизнинг замон ажиб, инсон-сеҳргар,
Режангиз ер қолиб, ўрлайди кўкка.
Бизнинг ёққа дил-ла ташлангиз назар,
Сизнинг орзуларга биз шай кўмакка.

Тупроқмиз, унутмиз нақ нокеракдай,
Симобранг сув кирсин жон-қонимизга,
Туғилмайин нобуд бўлган гўдакдай
Қолмайлик, қон бўлинг томиримизга.

Қачонгача ўтар наридан баҳор,
Қачонгача қуёш шуъласи бенаф?
На ёмғир ва на қор келади бакор,
Одамлар, бу доғни биздан этинг даф!

Тақир кўксимизни ағдаринг чок-чок,
Ҳосил уруғини сочинг бағрига.
Чўл аталган бизда ишқдай жонли, пок
Дон, пахта қулф урсин тўлиб сеҳрга.

Юксак минбарлардан айбланг ва мақтанг,
Ҳосилми, ҳуснми, бўлайлик бир баҳс.
Бизнинг қўйнимиз ҳам меҳрга маҳтал,
Очилмоқ, сочилмоқ, яйрамоқ ҳавас.

Қанча бойлик мудроқ бизнинг бағрида,
Ҳали ишқ билмаган қиздай бир бокирамиз.
Киринг жонимизга, не борки бизда
Аёлдай боримиз ҳадя этамиз».

Янги ерлар кутар кучли қўлларни,
Бизнинг деҳқон қўлда обод бўлгали.
Янги ерлар кутар равон йўлларни,
Ҳосил карвонлари тинмай юргали.
1976


Билгим келади...

Қаршимда,
Ёнимда,
Атрофда одам,
Бирини ўзгага ўхшатолмайман.
Ҳар бири, биламан, бутун бир олам,
Бу оламга нурдай йўл тополмайман.

Бир умр уриндим қалбга кирмоққа,
Орзу-ҳавасидан олмоқ-чун шодлик.
Лаб қўйиб ичгандай тиниқ ирмоққа
Сингисам ҳаётга сувдек, ҳаводек.

Қони заррасида, томирида юриб,
Юрагин уришин тўлқинин билсам.
Дилин ҳар зарбидан шеър йўғириб,
Ўзини ўзига намойиш қилсам.

Орзу миқёсини,
Дил ҳароратин,
Айтмоққа тортинган сўзини топсам,
Ўргатсам изҳорга ишқ-муҳаббатин,
Жароҳати узра малҳамдай ётсам.

Билгим келади,
Ҳа, билгим келади...
Ким интиқ, ким истар мендан фидолик,
Бир жон-ку, минг бўлса — аясам ўлай,
Ахир шулар билан умрим сафолик,
Қандай жонмас, жудо сафодан бўлай.

Мен билгим келади эркак юрагин
Аёл бир қараши этарми чил-чил?
Тоғдай кўтарарми севги кўкрагин,
Ҳижрон оловидан қанча ёнар дил?

Аёл қалби эса гўё кафтимда:
Бир хамирдан ясар устамиз — ҳаёт.
Тақдирини бутун ниҳол кифтимда
Олиб чиққанимдан қариб қолдим бот...
1976


Умрим карвони
(Янги йил шеъри)

Яна бир бекатга умрим карвони
Келмоқда яқин.
Бутун борлиғимга дил ҳаяжони
Ҳокимдир тағин.

Бу кеча умримдан ёп-ёруғ нурдек
Бир йил ўтмакда.
Сертоле бир уйни этган каби тарк
Дил уринмакда.

Бу ёшда осонмас йилни узгуси,
Ҳар йил энди ганж.
Не мужда акс этар келар кўзгуси,
Не шоддик, не ранж?

Бутун йил бир сахий яхлит қўл бўлиб
Кўтарди баланд.
Мен қайноқ эркалаш, ғурурга тўлиб
Ёшардим бир чанд.

Меҳнатимдан ортиқ сочди бошдан зар,
Мен эса хижил.
Келар йилларимга ташлайман назар,
Бурчларим шиғил.

Бариси ниш уриб чиқмоқ шарт уруғ,
Менинг қаламда.
Ёш ҳам навқиронмас, анчайин улуғ,
Куч ҳам танамда.

Майли, заиф қолсам эл дарёсига
Ўзимни отгум.
Ғарқ бўлиб жавоҳир куй дунёсига
Баҳралар топгум.

Тўфондек бўлмаса, сойдек осойиш
Ёзарман шеърлар.
Йиллар ўтиб ишкдан қолса оройиш,
Садоқат дерлар.

Садоқат ва тоқат, фароғат, меҳнат, —
Барин этиб жам,
Шу ўктам ўлкамнинг бахтига ҳамбахт
Ташларман қадам.

Умрга бегона боши берк кўча,
Бир эмас бекат.
Бақамти сўйлашдик кунинг битгунча,
Рози кет фақат!

Мен пойандоз этиб орзу армонни,
Янги йил кутай.
Янги бекатларга умрим карвонин
Етаклаб кетай.
1976


На гґзал дамлар бу!

Баҳор келяпти, уйғонмоқда дил
Гуллардан ҳам тез!
Қанот топ, нигоҳ топ, кўпчимакда ер,
Елдан илдам тез!

Ана, бош кўтарди мунис бинафша
Сўлу соғингда.
Борлиқни тўлдирган баҳорги нашъа
Сою тоғингда.

Шамолнинг бир қўли тортар далага,
«Мен саховат» дер,
Осмон гавҳарларин ортмиш жалага
Ҳовуч-ҳовуч тер!

Тупроқ баҳрини туй, ол нур рўмолни,
Уч булут томон.
Сенинг ҳароратинг кессин шамолни,
Гулласин бодом.

Паға булутларнинг момиқ қўйнидан
Симиргин ёшлик,
Қуёшнинг ҳар нурин қучиб бўйнидан
Жон олсин тошлик.

Чигитлар сочилган тупроқ қатига
Ҳар йилгидан мўл.
Тошлар ҳам жўр бу йил инсон аҳдига,
Гул очмоқчи чўл.

Тошдан ҳам, ердан ҳам, уруғлардан ҳам
Баҳорга чанқоқ
Инсон бор!
У борки, сен ҳам бой, кўркам,
Кела қол тезроқ!
1976


ЁмІир

Ёмғир, сен табиат сахий фарзанди,
Менга кўрсат йўл.
Санъатинг ювади еру кўк гардин,
Эзгулигинг мўл.

Бир йўла, бир азим чўлу саҳрога
Осмон қўяр лаб.
Ҳали ишқ билмаган Одам Ҳавога
Бахш этгандай қалб.

Қўриқлар кўксига яқинлаб кўклам
Уйғонар тупроқ.
Илиқ нафасингдан баҳра олган дам
Эрийди музлоқ.

Сенинг санъатингга бир шогирд тушиб,
Томчи бўлай мен.
Дилимни парчалаб томчингга қўшиб,
Чўл қамчилай мен.

Буғдойми, чигитми, не бор уруғга
Бағишлай ривож:
Деҳқонлар кўрсатган доно йўриғ-ла
Ҳис этай қувонч...

Бир олам табиат қўйнида томчи
Бўлмоқ ҳам толе.
Қалб, мени шу ёмғир йўлига сол-чи,
Яшай сафоли.

Оҳ, ёмғир, ҳар салқин ҳаётбахш томчинг
Қўзғайди ҳавас,
Севгамдай бешафқат бўлса гар қамчинг,
Итқит, бўл шаррос.

Қувончлар тагида қолган дард қумин
Ювиб кет бирдан!
Узлатга бегона кўксим тўлқини
Куйласин нурдан...
1976


Кечир, ёшлик

Чақмоқ чақиб ўтгачгина ўйлаймиз,
Чақноғини излаб топмайин.
Ёшликда тушни ҳам ўнгга йўямиз,
Кунлар этагидан тортмайин.

Ўтди ёшлик мендан бир шавқ кўрмайин,
Дўллар урган бинафшасифат.
Қизғангандан ризқин қистаб сўрмайин,
Атаб кетди мени бешафқат.

Кечир, ёшлик, ўзинг эдинг буюкроқ,
Нозик қўлим тута олмади.
Ёниқ вулқон эдинг, нури қуюқроқ,
Оқ кўксимга сиға қолмади.

Тортқилаб олганда силтовдан зарба
Жароҳати ҳамон бедаво.
Ҳамон вужудимда заррама-зарра
Ётар чекиб товушсиз наво.

Кечир мени, ёшлик! Сенга муносиб,
Чақнаб ва чақнатиб юрмадим.
Туйғу тўфонларин идрок-ла босиб,
Портлашга бир замон қўймадим.

Сўнгра, сўнгра сўнган вулқондай сокин
Қўйдим сени бевақт кексартиб.
Ўтгич ҳавасларга мук тушиб локин
Таҳқирларда бўлмас қизартиб.

Лекин билсанг ўтдим ўзим сенга зор,
Ғунча қолдинг бир бор кўрк очиб,
Баҳоримга ёғгач ҳеч эримас қор,
Гулдай шеър ёзмадим атирлар сочиб...
1976


Уни кузатдилар…

Фасли қишга яқин бир туп дарахтни
Ниш урган ўрнидан қўзғаб қўйишди.
Наздимда, умрини безаган бахтни
Бу кекса дарахтга камроқ туйишди.

Икки жуфт қўл эккан бир ниҳол эди,
Ҳамма набототдай ўсди панада!
Қуёшдан шимирди,
Тупроқда эмди,
Бўй чўзди,
Илдизи эса янада.

Теран кираверди ернинг қатига.
Новдаларни безар зилол япроқлар,
Бўйдор-куйдор дарахтларнинг сафига
Кираётганини сезди нигоҳлар...

Ва бир гўзал баҳор кўрсатди ғунча,
Ва бир тўкин кузда берди нишона.
Илк мевага умид боғлашиб қанча
Кўз-кўз қилишдилар нақ бахтли она.

Онадай, отадай меҳрга ўраб,
Сахий боғбон этди уни парвариш.
Ниҳол ўсаверди яшнаб, гуркираб,
Ҳар йил янги кўркин қилиб намойиш.

Лекин ҳамма ёз ҳам ва ҳамма куз ҳам
Сийлаб бўлиқ мева этмади ҳадя.
Гоҳ сел ювди, бўрон бошин этди ҳам,
У тик турди ҳамон мен ҳаёт дея.

Лекин мева эса ширали, этли,
Оз бўлса ҳам бўлди тутгудай кафтда.
Зеро, тупроқ сахий, еллари қутли.
Қуёш етиштирди ҳаётбахш тафтда...

Бир дарахтдан баланд, ўзгасидан паст,
Ўз умридан рози кирарди кузга,
Умр хотимасин биларди, албат,
Биларди ниҳоллик қайтмайди ўзга.

Кунгай ва назаргоҳ ерга кўчирмоқ ният
Қўзғатиб кўрдилар унинг илдизин.
Теран томирига етса ҳамки лат,
Шунда кутмоқ бўлди чоғи ўз кузин.

Чуқур экан илдиз,
Чайир томирлар,
Ернинг чор ёғига кетганди сингиб.
Бўронлардан сақлаб қолган омиллар
Омон олиб қолди дардини енгиб.

Кунгайдан ҳаётбахш экан ер баҳри,
Ўз ўрнида яна кўкарди дарахт.
Қуюқ шохларидан тиниқ куз наҳри
Янги ҳосилларни бермоқда хушвақт...
1976


* * *

Онам! Сенинг иссиқ, азиз жонингни,
Заррадек чоғимдан бошлаб биламан,
Ўзим ҳам зарра-ю, лекин қонингни
Янгилаб жисмингдан ўзни узганман.

Сен гул жувон ҳали мендан бехабар,
Булутдай гўдаклар тортди ҳавасинг,
Энди мен сен десам қайноқ, муаттар
Ҳоврин ҳис қиламан илиқ нафасинг...
1976




Туµфа

Кимдандир бир даста гул келди сенга,
Уйингда, дилингда тўй шавқи бу кун.
Ўзни саросима сездинг сен нега?
Кўп эди-ку гуллар бундан ҳам гулгун?

Ажабландинг!
Гўё босиб узоқ йўл,
Чарчаган одамдек гул барглар лоҳас.
Ким, қанча андиша тоғин кесиб ул
Келмиш, бўлмоқ учун сен-ла ҳамнафас.

Ким ўзи, тўй кунинг йўллаб гул салом,
Қутлашга жазм этган сенинг бахтингни?
Эркалаш истамиш беном, бекалом,
Ўздан хабар бермай, сенинг қалбингни.

Ким билсин, қай дилда, кўзлардан пинҳон
Ниш уриб, очилмай қолган ишкдир ул,
Қуёш ойнинг юзин ёритгансимон,
Сендан баҳра олиб, сир қолган кўнгил.

Лекин дилда балқиб, ташаккур, меҳр,
Билмасанг қай, кимга учсанг қанотда...
Ҳар дил сақлай олса бир гулча сеҳр,
Сарғайиш билмасди умр ҳаётда...
1976


¤н саккиз ёшлик

Боғлари бўларди мевали, гулли,
Бодом бор, анор бор, олма, шафтоли.
Нозик таъб, шеърга ўч Она, гул қўлли
Яшнатган гулзор бор, эрам рухсорли.

Паранг этакларин илиб тиканлар,
Ўсарди танҳо қиз капалаксимон.
Қўшни қизлар ичра бўйи етганлар
Қизда қўзғатарди гоҳ рашк, гоҳ гумон.

Ўйларди:
Тўлмайди ўн саккиз ёшга,
Шоирлар шеърида ўтар куйланмай.
Юзин ўхшатмайди ҳеч ким қуёшга,
Севги оловида куймайин, ёнмай...

Бирдан юрагида чақнади чақмоқ,
Унда пинҳон ёниб, ошкор яшнади.
Илк севги қалбига солган бу чақноқ
Бир йўла оташ-у музга ташлади.

Иккисин талошин ёнди ўтидан,
Жизғиниб ўртанди, музида қотди,
Ўн саккиз ёшини алам кучидан
Билмас, қачон топиб қачон йўқотди?

Ўйламасди!
Бир жуфт сайёрасимон
Тун юлдуз эдилар, кундузи қуёш...
Уруш ямлаб кетди бирин нақ тўфон,
Икки жон-чун яшар бир
Ўн саккиз ёш...
1977


* * *

Мен ўзимни ёмон кўраман
Заифлигим келганда ҳоким.
Мен ўзимни ёмон кўраман
Тўкар бўлса шу ҳис кўз ёшим.

Мен ўзимдан қиламан нафрат
Майда ҳислар измида қолсам.
Қувончларим кемириб ҳасрат,
Пушаймонлар измида толсам.

Мен ўзимни ёмон кўраман,
Кундан-кунга хуружда бу дард.
Хафа ётиб, хаста тураман,
Иродамга етди чоғи панд!

Наҳот, гоҳ-гоҳ етган ситамлар
Экиб кетди дағаллик манда.
Ҳис тизгинин бой берар дамлар
Наҳот эди ўзига банда.

Кун ўтади, тунга кирганда
Руҳим, қалбим эзади пушмон.
Ўтган ишга заиф қолганда
Саловат ҳам кўтарса фиғон —

Чирпинмакдан бўламан адо,
Кексаликка ёғдириб лаънат.
Кундан-кунга бу дард бедаво,
Кундан ортар ўзимга нафрат,
О, ўзимни ёмон кўраман...
1977


* * *

Саида Зуннунова хотирасига

Ҳаётдан шоира, ҳайҳот, юмди кўз,
Қолаверди фарзанд ва қалам етим.
Наздимда, кўксида қолган барча сўз
Ҳаммамиздан аччиқ ёш тўкарди жим...

Ҳаммага топилар сабр ва юпанч,
Қайғу ҳаёт билан туғилмиш эгиз.
Айтилмаган қўшиқ беун, беуввос
Совуқ исканжага берилди, эсиз...
1977


Гулзор

Тонг қаршилаб ҳовлига чиқдим,
Умримдаги куз бўлди ғойиб...
Борлиғимда бир кўчки сездим,
Кета қолди ланжлик ҳам тойиб.

Сийрак сочиқ гуллар нақ барқут,
Баҳордаги гул водий гўё.
Қизиллари мисли тунги ўт,
Кун тутилган чоғдаги зиё —

Симон тарам-тарам пуштиси,
Бор тароват билан очилмиш.
Гўдак нафасидай ёқимли иси
Юзим, кўзим, дилга сочилмиш.

Ёқтирмасдим мен гул узишни,
Ҳийла худбин тортибди таъбим —
Чоғи, ҳислар қилди бу ишни:
Гул қўлимда, баргида лабим...

Бу ғашликми, яшашга ўчлик,
Вақт туйғуси бир онда унут.
Ёмғирли кун бўлди гул ислик,
Булбул бўлиб сайради сукут...

Сўлим гулзор, сўлгандай умрим,
Яшнаганча, яшнатганча қол.
Балки гулга ёш тўкиб юм-юм,
Ўзни яшноқ сезмоқ ҳам иқбол?!
1977


Кґнгил

Кўнгил, нега бугун беморсан ва мўрт,
Кўнгил, нега бунча тарангликда тор?
Кўнгил, эркалигинг, ўктамлигинг ют,
Тан ол, охир энди баҳорингда қор.

Кўнгил, бўлма шиша сингари синиқ,
Беҳуда, бир сўз ё нигоҳдан чил-чил?
Борлиқни сиғдирган булоқ бўл, тиниқ,
Ўзни ўзинг босма оғир юк шекил.

Парокандаликни от, ғурурингга боқ,
Бўлса зарра ўксик орт елкасига.
Ғуруринг — бардошли вужудинг сиёқ,
Ярайди, эл иши, ташвишларига.

Элда юмушлар кўп: экмоқ, ундирмоқ,
Бутун ер юзида ҳаёт сочсин гул.
Ёвузликни олов олмай сўндирмоқ,
Токи, инсон яшай олсин хушкўнгил!
1977


* * *

Бахтим бор: ажойиб кишилар аро
Туғилиб, гуркираб... кексаяр умрим,
Ўшалар шеъримга бахш этган садо
Ҳаётим йўлини ёритган нурим.

Бири юзларимга бахш этар кулгу,
Бири қонларимга солар ҳаяжон.
Бири олға чорлар бўлиб оқ орзу,
Бири дер: ҳаётсан, юр орзу томон.

Ҳали қалбинг жувон юрагидай ёш,
Асаблар кўтарар тоғни ортсанг ҳам.
Кўзингга, қонингга олавер қуёш,
Ҳали кўп тебранар қўлингда қалам...
1978


* * *

Менга хасис келди табиат,
Шодлигимга алам қоришиқ:
Кутиб олдим баҳорни бетоб,
Танимдаги дард-ла олишиб.

Ҳамма ёқда шаббода ва гул,
Қум ҳам, тош ҳам таратар жаранг.
Мен-чун яшаш шундай ҳам мушкул,
Жуссамни тик тутаман аранг.

Хасис келди табиат менга...
Баҳорни ҳам кўрмакда зое.
Қаердадир ўхшаб нақ тонгга,
Ял-ял ёниб туради толе.

Толе ҳаёт номли жозиба,
Умр бўйи сен унга мафтун.
Бўлмас сендан ночор, ожиза
Умидлардан қўл силтаган кун...
1978


* * *

Тонгда сўз қудуғин тубига чўкиб
Ахтарардим дур,
Тонгдай соф туйғулар қалбимда жўшиб
Қаламинг ол дер.

Шу жўшқин туйғудан азиз, чақноғин
Бўлардим олмоқ.
Қалам қодир энди, лойиқ салмоғи
Олиб нақ чақмоқ.

Чақнатишга, унга қўшиб юракни,
Керак бўлса жон...
Ажиб бўйга кўмиб ён-теваракни
Тутдилар райҳон...

Мен энди ифори бу туҳфадан маст,
Унутдим тонгни.
Бу меҳр йўлига биргина
Сочдим илҳомни...
1978


Шоир уйида

Самад Вурғун хотирасига

Учрашув

Тонгдан хаёлимни ажиб руҳ безар,
Ясан-тусандаман бир ҳаяжонда.
Хазар тўлқинимас, бир тўфон кезар
Ҳам шодлик, ҳам афсун қамраган жонда.

Бугун бутун ўлка Вурғунга меҳмон,
Мен ҳам.
Қалб тўфонин босмоққа йўқ куч.
Мен бу зиналардан юрмоғим маҳол,
О, юрак!
Ҳаётда бир бўлса ҳам уч!

Уч!
Мармар зиналар совуқ кўксида
Ловуллаб чақнайди у тирик излар.
Наҳот юрмоқдамиз излар устида
Соғинган, гуноҳкор дўстлари — бизлар?

Уч, менинг юрагим, жисмим олиб уч,
Пиллапояларга босмайин қадам.
Юксак бу аршдаги мангуликни қуч,
Садоқатинг кўрсат бу муқаддас дам!

О, мармар зиналар,
Тилсиз шоҳидлар!
Шоир юрагида кўчкилар кўчиб,
Илҳом қанотида бургутдай учиб
Гоҳ ҳорғин, гоҳ чақин бўлиб ўтгандир?
Мафтунлар,
Мухлислар,
Интиқ шогирддар,
Шаъни, куйи тенгдош не-не шоирлар
Бу пок остонада мендек кутгандир?

Ҳеч кимни куттирмай чорлаган шоир,
Бутун Озарбайжон тупроғи бўлиб.
Кир, юрак, гар эсанг учишга қодир,
Мезбон кутиб қолди, меҳрга тўлиб...
Ё раб!
Ҳамма, ҳар не бунда эгасига зор!
Рафиқа, фарзандлар, қалами, сози...
Бизнинг қулоқларда ёниқ, фусункор
Тирик нафаси-ю, ўчмас овози...

Қалб!
Азиз изларнинг устидан эмас,
Эргашиб киришда менга бердинг куч,
Энди висол дамин севинчидан уч.

Бир дона папирос...

Мен папиросни севган, чеккан эмасман,
Илк бор папиросни билдим муқаддас.
Маҳбубга оташин бера билмасдан
Қолган юрак каби бежон-у бесас,
Кўзларга кўринмай, тутаб тугамай,
Сени кутиб, ёниб ётибди гўё.
Агар бўлса ичилмайин қолган май
Қуриб йўқоларди мисоли рўё.
Бор вужудни жаннат ўтида ёққан
Ижоднинг муқаддас, мунис макони —
Столинг устида ятим, заъфарон
Бир папирос қолмиш!
Эй, Шеър хоқони,
Сен қанча юракни забт этдинг бежанг,
Қай куч сени этди хумордан маҳрум?
Сендай алп қудратнинг ҳолин этиб танг
Кекса ҳасадига этдими маҳкум?
Бир дона папирос қолмиш чекилмай,
Сенинг лабларингнинг оромига зор.
О, қанча қўшиқлар қолди битилмай,
Бизнинг дилда янги очолмай гулзор.
Бир дона папирос қолди чекилмай,
Қанча чекилганин билмасдинг ўзинг.
Бир тасалли:
Мангу сарғайиш билмай
Ҳар дилда минг баҳор очиб ҳар сўзинг,
Жисмида она-юрт қўшиғин олиб,
Сен кезмаган жаҳон кезиб юрибди.
Бир дона папирос ёнолмай қолиб,
Номинг қуёш янглиғ порлаб турибди...
1979


Тунни севмай іґйдим...

Тунни севмай қўйдим,
Бир сирни туйдим.
Ҳар тун узиб кетар умримдан бир кун.
Томчи тома-тома кўл бўлгандек лим,
Олиб кетиши рост умримни бутун.

Севмай қўйдим тунни,
Севмайман тунни.
Бутун вужуд бўлиб кунни кутаман.
Нафис шафтолининг гулидай нурли —
Шаффоф нафасига юзим тутаман.

Бу нафас — гўдакдай уйғонган майса,
Бу — кузда маст-аласт чайқалган буғдой.
Бу — қуёш, уфкда хиёл жилмайса,
Олтин замзамада жилваланган сой.

Бу — орзу сингари чексиз водийга
Ҳокими мутлақдай чиққан ҳар деҳқон.
Ҳосил фалсафасин етиб домига
Тупроқни олтинга айлантиргич жон.

Мен тонгни севаман,
Тонгдаги ўйлар
Мени одамларга кетади бошлаб.
Яратишга тўла мен тушар йўллар,
Дала, қирни қучсам, қулочим ташлаб,
Кўксим яйраб кетар кўлнинг сатҳидай,
Ундан қўшиқ учар оқ кабутардай.

Тонгги ер нафасин тўймай ичаман,
Ўттиз ёшли жувон шайдо дилидай
Хаёл етган ерни кезиб, кечаман.

Тонг отмоқда, шошил,
Ахтарма кавшинг.
Дафтаринг топмасанг,
Дилинг очиб бор:
Тонг — сенинг шодликка тиқмачоқ кашфинг,
Яна бир набира — иссиқ кафтга ол!
1979




Салом, тансиі баµор

I

Яна кўк тубида сайрайди қушлар,
Яна ерда кўҳна ям-яшил кўрпа.
Яна тандан кетди мудрашу тушлар,
Яна ёшдай дилда ўйлар минг турфа.

Гар ибора қадим, қофия сийқа,
Аждод ўлмаслигин ҳақиқати бу.
Баҳор дединг — бирдан олам антиқа
Ва сенда энг ёлқин, тирик бир туйғу.

Ёшингни, дардингни, изтиробингни
Бир силкиниш билан отасан йироқ.
Хаёлинг етмаган, умид тутмаган
Энг йироқ уфқлар келар яқинроқ.

Ва сен яна қалби оташга тўлиқ,
Тоғни талқон қилгич қудрат танингда —
Меҳнатга тушасан, ҳосил ҳам бўлиқ;
Бу йил етилажак шонда ақалли
Заррача маҳсулинг бўлиши аниқ.

II

Эй, баҳор, тўймагич жоним бор,
Сен билан туғилди гар эгиз.
Борлиғинг қучмоққа ҳолим бор,
Ишлайлик йил бўйи иккимиз.

Яралиш — туғилиш удуминг
Чарчаган қонимга эт пайванд.
Йил бўйи яшил сув, кўк нуринг
Томирда югурсин юз минг чанд.

Йил бўйи ниҳолдай сарғаймас
Саратон зуғмига берай дош.
Қаҳратон қаҳридан мунғаймай,
Қонимда кез, яшил, Ёш Қуёш...
1979


Кел, баµор

Кел, баҳор, қуриган саҳрога
Илк ёмғир берар гулсимон, кел!
Айланмай қон дилда сафрога,
Жонлансин, энг қодир ҳаёт бер!

Тарса-тарс ёрилган чўллардек
Юрак чок, бутунмас, минг бир дарз,
Томир ҳам қатқалоқ йўллардек,
Қоқилса, чап бериб яшаш фарз.

Кел, баҳор, инқилоб сингари
Итқит қиш қобиғин жонлардан.
Қўйма у дарзларни сингани,
Пайвандла энг жасур ранглардан.

Сарғаймас баҳордек диёрим
Қадамин ларзасин илғай мен.
Яшартиб бу кўҳна дунёни,
Довруғлар солганин билай мен.

Ҳеч баҳор, тупроқда уйғониш
Ўтдими қалбимнинг ёнидан?
Баҳорда туғилдим!
Унга эш
Яшашнинг қонуни қонимда.

Қулочим етмайин қучишдан
Ўч, завқ-ла қўшиқлар югургум,
Иккимиз басма-бас юришдан
Ҳар сафар янгидан туғилгум.

Ҳар гал сен янги,
Мен навқирон,
Фарзандлар кутар,
Мен этсам тарк.
Баҳорни тарк этса бор инсон,
Жаҳон ҳам бўлмасми жувонмарг?..
Кел, баҳор!
1981


Икки шеър

Қайсин Қулиевга

Қўноқ

Тоғликлар ўлкасин бургут сиёқли
Сахий, ўктами,
Бугун қўшни бўлиб қолди йирокди
Қардош там-тами.
Қаршимда қўш бошин қорларга ўраб,
Чақнаб, чорлар тоғ,
Қуйини юксакка занжирдай улаб,
Йўл кетган узоқ.
Дам олиш фаслини кутдим, етишдим,
Топдим танҳолик.
Уйқу, жимлик майин шимириб ичдим,
Беқиёс тотлик.
Жимлигу ҳордикдан толдим!
Бир парвоз
Истайман шу тоб,
Интилса дил етар, чақирса овоз,
Эй, дўст, мени топ!
Кездир: шалолалар шовқини қучсин,
Тортай сезгирик.
Ҳайратдан кўз ёшим учқундай учсин,
Атроф сеҳрлик.
Сен бошла қир, қоя, даралар ўтгач,
Тоғлиқ қўйнига.
Осилай ипакдай ҳимралган ўркач —
Булут бўйнига.
Чўққидан юксакда учган қушларга
Кучлидир суқим.
Мен қушдай ўктамман: у муз тўшларга
Қўнишим муқим.
Гарчанд чўққи қорли — яқин қуёшга
Бор эди аҳдинг.
Малика атадинг кўтариб бошга,
Қур энди тахтинг.
Ердан ахтарганлар чўққидан топсин,
Юзим ювсин сел.
Совқотсам булутлар пар кўрпа ёпсин,
Аллаласин ел.
Кундуз санчсин қуёш минг бор бигизин,
Бўлай ўт нафас.
Элимнинг ҳар гулрў, парирў қизи
Боқсин серҳавас.
Чўққи кафтидаги шу тахтда туриб,
Шам бўлиб ёнай.
Бутун жаҳон элин тинчликда кўриб,
Беҳадик қонай.
Элдошинг:
«Бу ёниқ шам қайдан ўзи»
деб қилса сўроқ.
Де:
Яқин қардошнинг бир она қизи,
Вафоли қўноқ.

Бу кунларда уйда эмасман

Бу кунларда уйда эмасман,
Яна мени тарк этди юрак.
Юрак топган ҳайратдан мастман,
Ҳайрат менга ёшликдек керак.
Қайдамиз, дил?
Бу кимнинг эли,
Бунча танти, эрка қуёши!
Тилимизга ўхшайди тили,
Куйдор экан сувидан тоши.
Шўх жилғаси тошотар ўйнаб,
Ўйноқлайди тойдай ҳар тўлқин,
Қоялари офтобдан яйраб,
Томчи сочар мисоли учқун.
Илиқ нигоҳ оқбош тоғлари,
Кўзларингни куйдирса ҳам муз,
Ёмғирига баҳор чоғлари
Илк севгига тутган каби юз —
Қизлар жала билан ўйнайди,
Йигитларни нигоҳ-ла кесиб.
Севса на жон, молни ўйлайди,
Кетса мумкин ҳар недан кечиб.
Қар ким сени чорлайди уйга,
Меҳрин қўшиб тутар нону май.
Сен кирган уй айланар тўйга,
Қолсанг мумкин кўнгил узолмай.
Саф-саф ғозлар юргани мисол
Қизлар ўйчан, рақси сеҳргар.
Титрар тоғу даралар хушҳол,
Йигитлари жўр бўлса агар.
Гар тингласанг она алласин,
Ошиқлардан достон узун кун,
Ерин, элин битмас ярасин
Боисини антлайсан бутун.
Ва ногаҳон сен ҳам танингда
Жароҳатин, бахтин сезасан —
Қонли-қонсиз жанглар мардига
Қалб-ла таъзим қилиб, кезасан.
Недан сўзлар қиличдай кескин,
Тоғдай метин қаноат қайдан?
Кексаларин қадди тиклигин,
Ғурур ҳатто янграшин найда.
Эльбруснинг қўш оппоқ боши
Нақ «Қиз кўкси» — софлик, саховат.
Бу ҳусндан эл дара, тоши
Касб этади тенгсиз нафосат.
Тупроғида яшноқ зилоллик,
Эл бир гўзал иқбол-ла яшар.
Одатидир яратиш шодлик,
Ўктамлик ҳам шондай ярашар.
Мана, нечун уйда эмасман!
Тоғли дўстлар меҳмони юрак.
Шароби-ю меҳридан мастман,
Кайфин олиб кетмоғим керак.
Кетганда ҳам ҳеч унутмасман...
1975—82


Тонг

Мендан бошланади уйда уйғониш,
Зеро, уйқу нима билмаган жонман,
Менга жуда мушкул яшашдан қониш,
Сафардан бир нафас тинмас карвонман.

Тонг сувратин чизмоқ бўламан ҳамон,
Юрак тўлқинига етмайди ранглар.
Табиат нақ шу кун туғилгансимон
Ҳар гал ҳамма ёкда янги жаранглар...

Ажаб!
Тўп-тўп...
Бу не мўъжиза, рўё,
Томирларда сездим баҳорги ирмоқ.
Ҳаёт ибтидоси каби бу садо
Наҳот бўлди тандан чарчовни қувмоқ?
Ўгирилиб қарайман;
Маъсум мўъжиза:
Бу — менинг набирам!
Бошлабди қадам.
Мисли шўх айиқча, полопон, жўжа —
Овдир-довдир йўлни бошларкан одам.

Лапанглаб одимлар... борлиғи журъат,
Нақ паға булутга тушар оёқлар.
Мурғак, муштдай жонда бор ҳаёт, қудрат,
Тонг рангда шафтоли, момиқ ёноқлар.
Оғзи, кўзларидай очиқ кенг қулоч,
Набирам қадамлар!
Ёш дорбозсимон.

Лангардай елпийди икки қўлини.
Аср! Қопқаларинг борлигича оч,
Бу кекса заминда яна бир Инсон
Тонг билан бошлабди буюк Йўлини.
Билмайман!
Бу нотинч она жаҳонда
Шу тонг йўлга кирди не сон-минг гўдак?
Кимнингдир илк йўли йўқолди қонда,
Ёт, изғиқ, мудҳиш ўқ этди жувонмарг?
Менинг набирам ҳам кекса дунё-ла
Тиллашмоқни бошлар қушдай ҳижжалаб.
Гўдак, тонг — ибтидо асл маъно-ла,
Бизлардан ҳимоя, фаросат талаб...
1982


* * *

Шеър демак — ўжар дўст қаламнинг изи,
Шоирни борича этар намоён:
Не тариқ ҳаётда отган илдизи,
Не тариқ қаддини тиклаб турган жон.

Бу шундай бир из-ки — қалб солланиши,
Гоҳ денгиз долғаси, гоҳи насимдир.
Гоҳ байрам... Гоҳ ғусса яллиғланиши,
Дардлардан таваллуд камёб тизимдир...

Гоҳ ғурбат, дағаллик итарган кунжак,
Гоҳ муштдек юракда яшаган жаҳон.
Гоҳи узун ўтмиш, сирли келажак,
Ёшинг ўтган сари ўсувчи армон.

Истар у: машаққат, ҳайратдай кўчсин,
Саҳрога ёйилсин сой бўлиб, яйраб.
Ойдан шуъла эмас, сўйловчи учқун,
Дардимга малҳами бўлсин мушарраф.

...Ҳамон парча-парча дилни чегалаб,
Ундан бутун қўшиқ тўқимоқ орзу...
...Инсонга берилур умр чамалаб,
Афсус: ҳукмдамас тошу тарозу...
1982




Йиллар

Кечанг ортга,
Эртанг олдинга тортар,
Қушлар барг узгандай умрингдан узиб.
Фикринг пармаласа ёрилар тошлар,
Лекин йиллар йўлин бўларми бузиб?

Йўқ, бузиб бўлмайди кетар йўлларни!
Бекат қуриб ташла, гар қодир эсанг.
Ким бўлдинг?
Не қилдинг?
Тортиқ бўларли
Борми келурларга арзирлик туҳфанг?

Бир кимга бошпана,
Бир кимга кўприк,
Ё руҳни юксалтар бирон сўз айтдинг?
Кўз бўлолмадингми,
Бўлдингми киприк,
Ё бир аймоғингни ерга қаратдинг?..

...Сарҳисоб чоғимас,
Маслак бир талай.
Узун умр ато қилган толеим.
Жаҳонда ўқ товшин ўчганин билмай,
Дунёдан тинчгина кўз юмади ким?

Ҳамма чегарани суриб нарига
Битта минтақада яшар Ер, фазо.
Сен кўрмаган элу юрт ҳар дардига
Тинглайсан дилингдан бир акс-садо.

Ерда ҳаёт битта,
Аммо минг тақдир,
Барин кўтармоғи вожиб шу бир Ер.
Вожибдир чарақлаб турмоғи офтоб.

Ҳаёт кундан-кунга ширин,
Лек мушкул,
Сенинг кўзинг ўткир,
Замон ҳам шаффоф.
Билгинг,
Қилгинг зарур иш салмоғи зил,
Тортмоққа асаблар берармикан тоб?..

Гуркироқ ўсмамга қиш қор отганда,
Севган дафтар бирдан қолганда тугаб,
Ярашиқ кўйлагим юпқа тортганда,
Эрка дўст қўққисдан кетганда жўнаб;

Қалбим,
Вужудимни қамраб изтироб
Нотавон ачиниш қучганда танни,
Билмабман:
Не экан гулни ардоқлаб —
Парвона капалак олиб кетгани?!

Билсам:
Кўп улушин бой бермиш умр:
Йиллар алдаб, нимлаб олиб кетибди.
Исёнкор
Думбул руҳ ўрнига
Сабр,
Матонат,
Ишқ,
Меҳнат сўзин битибди...
1982


Онам боІи

Кечагина борлиқ эди мовий қор,
Севгидайин кун тафтидан эриди.
Эсда:
Биз ёш, қор баҳордан сервиқор,
Танимизда минг бир офтоб бор эди.

Ҳамма гўзал:
Ёши ўтган онам ҳам
Хушбўй эди хиёл сўлиқ гул мисол.
У билганни пари билмас бир олам,
Унга келиб ечиларди барча фол.

Нафасидан нафас олиб ўсдик биз:
Фарзандлару, гулу китоб ҳамроҳи.
Гулдан жозиб эди бизнинг онамиз,
Бир жаҳон бахт бағишларди нигоҳи...

Онам боғи орзусимон турфа ранг,
Лоқайд, бачки безакларга эди ёт.
Бор мавжудот рақиби-ла қилиб жанг
Ўстирди боғ, ўғил ва қиз — зурриёд.

Шу эрам боғ замонанинг зайли-ла
Эл ўтгувчи равон йўлга айланди.
Онам!
Сизнинг умр ҳаёт майли-ла
Менинг жисму жаҳонимга жойланди...

Неча аждод кечган боғдан йўл қолди,
У йўлларда Сизу мендан йўқдир из!
Сизни Мену,
Мени Оналик олди,
Аёл зоти кетмас ҳаётдан изсиз...
1982


* * *

Ниятим, айтажак сўз, зорларимга
Муштдаккина юрак лим-лим тўлибди.
Сийраклашган киприк ораларига
Бедорлик соқчиси уя қўйибди.

Бор бўл, шундай тақдир!
Зийрак бўл, соқчи,
Даримасин уйқу эгизаги — ғафлат.
Лекин ланжлик деган маккор қароқчи.
Бош суқса сенга ҳам ўқийман лаънат!
1982


Бугунингга мен бґлай µоким

Ҳовли тўла баҳор,
Кўк тўла баҳор,
Нафис баҳор ҳиссин чулдирар қушлар.
Ҳали очилмаган гулларда ифор
Қиш қировин қувиб дилларни хушлар.

Ва биз бир сулола айвонимизда,
Нур, қувонч, хотира неъматига ром.
Эвара гувранар қучоғимизда,
Ҳордиқ кунимизга бағишлаб ором.

Бир чоқ бувим айтган куйин такрорлаб,
Мен гўдакка секин айтаман алла.
Менга мунчоқ кўзлар боқади бодраб,
Ўғлимни-чи, уйқу қучган бу палла.

Ҳордими?
Элитди ё нафис кўклам,
Илк насим этаклаб сочиб юрган нур...
Наҳот ором бўлди боламга аллам,
Чарчокдарин тортиб бахш этди ҳузур.

Қўлидан сирғилган газет, ойнагин,
Баландроқ токчага қўяй авайлаб.
Чойи совимасин, ўрай чойнагин,
Айтай алла ичра аллалар сайлаб.

Ухла, бугунингга мен бўлай ҳоким,
Кунни тунга улай гар сенга даркор.
Ва тепангда эзгу тилаклар айтгум,
Шундай ёнгинамда тўйиб ухлаб ол.

Қатор телефонларнинг узайин симин,
Йўқлаганга қандай «уйда йўқ» дегум!
Ақл билан ўлчаб йилларнинг вазнин
Элига кифт тутар инсон еткурдим.

Қандай қулай бўлса шундай ётавер,
Шовқин, овозларни кетга қайтарай.
Сим-сиёҳ қош, киприк,
Сочинг оқларин,
Бармоқлармас, бахтли нигоҳ-ла тарай.

Хизматинг, бурчларинг, ҳис, туйғуларинг
Кўламин англашим бағишлар ғурур.
Елкамга ололмам ақл заррасин,
Қодирман суюниб тилашга умр!
1982


Узугим сирІилиб тушди...

Ё раббий!
Узугим сирғилиб тушди,
Ингичка тортдими, шунча, бармоқлар?
Қалбимнинг тубида недур увишди,
Тўлқинсиз қолдими танда ирмоқлар?

Зебу зийнатларга ўч бўлмадим ҳеч,
Зийнат билдим фақат замон, созимни.
Созни на кундуз, на тунда қўидим тинч,
Елкасига ортиб қувонч, розимни...

Узук қаламимдан эди яқинроқ,
Дилим ва бармоқдар сирига маҳрам.
Ҳузур, изтиробдан тушганда титроқ
Ўша эди чақнаб, мўлтираган ҳам...

Энди бармоғимни этиб кетди тарк,
Бир чоғ туҳфа этган қўллар сингари.
Гарчанд у эмасдир севги кирган арк,
Кетиши ҳам эмас тўлқин тингани.

Ўрта бармоғимга оламан тақиб,
Табиатдан устун менда ихтиёр!
Энди бу бармоқдар не кучдан қалқиб,
Нозиклашар недан, билмоғим даркор...
1982


Бу куннинг шеъри

Уйдирмага чўзмас қўлларин,
Аён: шеъриятга тиз чўкар қалам.
Дил кўзи оқ кўриб ҳаёт йўлларин,
Олдинга ундайди суръатли ҳар дам.

Дам ва кун далага кетган ёйилиб,
Қайда ишли тупроқ, шу ерда ўзи.
Ҳар зое нафасга биздан койиниб,
Дакки, чақирикдай боқади кўзи.

Кун нима, биз ўтли қалб бўлсак агар,
Меҳнатимиз берган ҳар азиз мева.
Ортганинг не бўлсин, ҳижолатми, зар,
Эртага элтувчи содиқ бир тева.

Хижолат мезондай илашмасин ҳеч,
Пахтадай нур сочсин ҳар дилга шуҳрат.
Машина, қўлдами, тонгми, кундуз-кеч,
Шу пок, ифтихорни терамиз, албат.

Умид уруғини тиккан деҳқон қалб
Бахтининг донасин қолдирмас ерда.
Дилимиз ўт олсин, кунлар долу зарб.
Ўтсиз пахта битмас, дон етмас элда.

Бу куннинг суръати, бу куннинг куйи,
Бизнинг қайноқ қўлдан ғолиб қанотда.
Мағрур бошларингиз бўлмасин қуйи,
Не бор ғалабадан ширин ҳаётда?..
1982


Куйлама µижронни

Гулгина Зокировага

Куйлама ҳижронни,
мен куйлаб ўтдим.
Наҳот мен етмаган пардаси қолмиш?
Аччиқ, узун йўлин мен босиб ўтдим,
Сенга нега даркор қайта йўл олиш?

Куйлама ҳижронни, такрорлаш нечун?
Бир фарёд минг дилни этади пора.
Кўз ёш бўлиб окди борлиғим бутун:
На инсон, на тангри тополди чора.

Такрорлама, Гулим,
сен бахт эркаси,
Дилбар овозингга ярашар шодлик.
Бир бахтсиз севгининг битмас гиряси
Қалбингдан ўрлайди, бу не бедодлик!

Куйлама ҳижронни, гарчанд овозинг
Отаётган тонгдек нур тўла жаранг.
Куйласанг нилуфарсимон рухсоринг
Шомдаги шафақдек заъфар-ғусса ранг.

Нечун бу сержоду, жайрон нигоҳдан
Рухсоринг куйдириб оқар қайноқ ёш?
Гулгинам! Ҳижронда, хазонли оҳда
Ҳеч замон жамолин кўрганми қуёш?

Не-не маҳбубларнинг бисотин титиб,
Кўрдим: кўз ёш эгов экан умрга.
Мендан кейингилар йиғламасин деб
Дардим селобини тўкдим шеърга.

Сен куйла, севгининг восил ҳаётин,
Тошлар тилга кирсин,
гул очсин музлар!
Ишқ, шодлик чулғаган диллар баётин
Куйла, лолалардай яшнасин юзлар.
Куйлама ҳижронни, гўзал Гулгинам!
1982


О, ижод

О, ижод, дардгинам,
Сен менинг оромим рақиби,
Уйқусиз тунларим ёритган нур, чироқ!
Тандаги зилзилам,
Муқаддас танҳолик ҳабиби,
Гоҳ чорлаб, гоҳ дейман, кет йироқ.
О, менинг умримнинг эгови,
О, қалбим дардига бир малҳам,
Мен уйқу истайман!
Бўласан шеър дови,
Кетмайсан қувсам ҳам,
Қаламни ташлайман,
Сўндириб мен чироқ,
Бу ғужғон ўйлардан ёрилигач бошимни
кўрпага ўрайман.
Ўйларим,
Сиз менинг чулдироқ қушларим,
Кетингиз, кетингиз!
Сизда-ку бор қанот!
Мен ухлай, менга ҳам вожибдир ухламоқ?
Йўқ,
Юрак бош билан қилар жанг,
Ўртада қон чопар мисоли ўт — дарё,
Фикрлар лашкари ҳолимни этар танг!
Чарчайман!
Ахир мен гар шоир, дилдироқ бир Аёл!
Ақалли, уйқунинг амрига кирайин!
Оромнинг қўйнида тин олган
Аёллар сингари латофат касб этиб турайин!
Йўқ,
Қонда шу Аёл қудрати
Денгизнинг долғали тўлқини сингари
Уйқуни отади бедорлик соҳили тошига
Ва мени етаклар қоғозим қошига.
Мен эсам кўзимни очмайин,
Мадорсиз қўл билан ёқаман чироғим,
Итқитган қаламни ахтариб топмайин,
Сипқориб ётаман илҳомнинг булоғин.
О, ижод олами!
Тун бўйи шу зайил
Сен билан гоҳ тотув,
Гоҳ рақиб,
Яна мук тушаман назмнинг машқига:
Ва лекин энг синчков мунаққид —
Эрта бор.
Ҳар мисра тушади фикрнинг шафқатсиз дастига:
Мисрага далалар нафаси шовуллаб кирмаса,
Инсонлар юраги ловуллаб турмаса,
На давр,
на меҳнат,
на шодлик қаламни сурмаса,
Бир пулдир меҳнату,
дарду шеър,
тун умри,
Ўқийман, ўйлаб ҳам турмайин
Йиртаман парчалаб.
Бахт йўқлаб:
Агар қалб дардидан таваллуд бўлолсанг,
Сенга дуч ҳар юрак торини тополсанг —
Шеър бўлиб эл ичра юраман мен чақноқ,
Уйқудан кўрк топган аёлдан ўктамроқ!
О, ижод алами,
Сен тушдай қоласан тун ичра.
Мен эсам ижоднинг содиқа ҳамдами.
Ўзимни сезаман тонгдан ҳам гулчеҳра.
Шу асно мен шеърман!
О, ижод, дардгинам!
Изтироб, оромим,
Тақдирим,
Шуҳратим,
Толеим ва комим!..
1982


Олдингда оііан сув...

Олдда оққан сувнинг қадри йўқ, дерлар,
Ғўрликда ношукур ҳукми деб юрдим.
Мана, қанча сувлар оқиб ўтдилар,
Бировни сувга зор,
бирни сер кўрдим.

Наҳр умри не ҳол ўтганин оқиб,
Соҳилдаги сероб бир сездимикин?
Қақраб ҳовуч-ҳовуч ичиб, ютоқиб,
Сероб ўйлайдими ариқ очган ким?

Зеро, у беминнат бир ёнда оқар,
Эмас узокдаги ёритмас юлдуз.
Тинса, боғи нураб, томоғи қақраб,
Силла қуришига етмайдими кўз?

Бир кун баҳри тугаб, тўлса паймона,
Қўлда пақир билан қолганда изғиб,
Тан ола биларми, ҳеч-са пинҳона
Ҳаётин берган — шу бағридан сизиб...
1982


Хушµоллик

Не ажаб даврга пайванд такдирим,
Ўзимни сезаман муттасил хушҳол.
Сабоҳ елларидай ҳамон тик қаддим,
Оқшомги онлардай тиниқдир хаёл.

Ёшлик,
Баркамоллик — ўзга фаслни
Токи умр-мулким, ола билмам тан,
Бағримга олганман
замон фаслини...

Танти, зукко элга суюкли экан
Айтажак сўзимнинг поёни бўлмас!
Зеро ҳаёт қилар қўшиқ тақозо,
Бугунги инсонлар йилларни билмас,
Зеро ерга бўлди ошно фазо!

Ҳаёт қайновидай юрак урар жўш,
Дилга қалам эшки, мен беҳад хушҳол.
Шукурким, ўйларда муқимдир жунбиш,
Кўзимда кундан-кун тўлишгач иқбол.
1982


О, эртам, энг гґзал афсонам

Кўксимда қўзғалиб вулқондай кўчкилар,
Нақ метин муз қатлам сукути чок-чокдан сўкилди,
Чақмоқли сония парчалаб, кўздаги уйқулар
Шафақда тонг отиб, ол-алвон мўъжиза кўринди.
Бошланди тонг билан шом аро бу жонда пайдар-пай
Туйғулар ва ўйлар қоришиқ-шиддаткор баҳслари.
Авжига боз чиқиб, нурсимон қуйилар мунгли най,
Эришдай юракнинг тизгинсиз лўлидай рақслари.
Яшнашин қуёшга ўхшатсам кўзларим қамашмас,
Шуъла-ю, ёғувчи юлдузлар шарросин сезаман теграмда,
Дил ҳеч он тойганмас,
Имондан адашмас,
На шодлик,
На ғурбат қуюндай ёприлиб келганда.
Занг босмас ҳайратим яратган мўъжиза қўшиқми,
Парт бўлмай юлгани қай узоқ оташдан нишона?
Фусункор наҳорлар шавқидан бўлиқми,
Хазонрез кечки куз умрга эш тушган бу гўзал афсона?
Бу гўзал афсона — сен, Эртам!
Илтижо, ҳеч кетма ва лекин, келмасанг майлига,
Қалб мўртроқ, худа-ю беҳуда излардан жуда мўрт кўприги.
Ташаккур айтаман шу оннинг
Шу қўққис ҳимматли зайлига,
Умримни безатган тилмочим, чарчамас
илҳомнинг энг зукко кўҳлиги —
О, умид Эртаси!
Йироқлаб юрсанг ҳар кунларим эркаси, афсона,
Эҳтиёт илтифот,
Жон тўла қадаминг жодусин илғайман.
Муқаддас ва камёб сирларнинг ўтида
бир яйраб, минг ёна
Чах-чахдан лаззатли бир ёрқин ҳузур-ла
йиғлайман.
Ва такрор англайман,
Келишинг бир туҳфа!
Дил номли каъбамда
Қалбимдан саломат сен содиқ навқирон эътиқод.
Уйдирма хулёмас, ,.
Ўткинчи хаёлмас, бу кузги сажамда
Зикр этсам, чидам бер, Ёвузга таслимдан этиб тур эҳтиёт!
Чақнадинг, баҳорий тус кирди кузимнинг
заъфарон рангига,
Даф этдинг мен кирар йўлларнинг
кундан-кун торлигинг.
Чорладинг, жонимни ташладинг тенгсиз куч,
жасорат жангига,
Англадим: Лутфийдек куйласам буюк
дард ва қудрат борлигин!
Сен қучдинг:
Эртакдай қиш бирдан юмалаб бўлди ёз,
Ланжликни куйдирди серҳузур саратон,
жазира.
Биламан: севгидан самода чирпирак
парвозлар қайтмас боз,
Не десам, беқиёс у ишкди йилларим кўркига
назира!
Эмассан жалада кўлларни савалаб безатган
бир ҳубоб,
Инсоннинг ҳеч битмас умиду ишқидан нишона.
Ҳар тонги — бир варақ, ҳар шоми элга эш
толедан бир иншо, битта боб,
Ҳаётнинг ҳеч қачон узилмас риштаси борига
ишона-ишона —
Битилгич битта шеър!
Ҳар сатри кўксимда етилиб тирилтган,
Дарди ҳам қувончи борлиғим забт тутган
жарангли, залварли.
Ташаккур, яна мен тирикман,
керакдан - керакман,
Сабрга бўйсунган фикр-ўй шиддатли,
бир ширин ғамзали, ғалвали.
Қарайман:
Афсона тўлдириб хазонлар тўшалган остонам
Менга деб тунда ҳам шам эмас, қуёшни ёқади.
Гоҳ нари кетади!
Мен — куз!
У — саратон! Лек бугун мастона, мастона
Маҳрамдай нигоҳин узолмай, гулхандай
қалбимга боқади.
У асли, ҳақиқат камоли, абадий эзгулик тангриси,
Ғанимат шу лаҳзам кўзи-ла беҳудуд
Иқболга боқишим — ҳақиқат.
Ҳақиқат — афсона яратар умримнинг ҳар кези,
Тунларим юлдузли онига ишончим,
Имоним, Олқишим —
Ҳақиқат.
Мен сени, эй тансиқ афсона, ҳали кўп
чамандай кўкартгум,
Баҳорнинг рангига янги ранг, соз жаранг
кашф қилиб этгум бахш.
«Боши ҳеч оқармас қалам»им учида
қуёшга яловдай кўтаргум,
Бу элда кексармас ва чўкмас кўнгиллар
бахтини — бахтим деб этгум нақш!
1983
« So'nggi tahrir: 24 Mart 2014, 19:07:00 muallifi AbdulAziz »

ЖАМШИДЖОН

  • Hero Member
  • *****
  • Rahmat
  • -aytdi: 31
  • -oldi: 398
  • Xabarlar: 945
  • Jins: Erkak
  • Assalomu aleykum!!!
    • FORUM.ZIYOUZ.COM
Re: Tong bilan shom aro (saylanma). Zulfiya
« Javob #2 : 03 Oktyabr 2009, 17:24:15 »
Шошма µали!

Ярим тунда, биров туртгансимон,
Бир чўчийман,
Узга келгач уйтонаман.
Не бу ўзи?
Дил қандайдир қўпол чангда
Қисилади,
Мен ўзимни ҳис қиламан қайноқ жангда.
Сўнгра-сўнгра худди илон чаққансимон,
Сўнгра, худди бир хум ақраб ичгансимон
Мен ўзимни ўнгаролмай тўлғонаман.
Зиқ юмушда ўтган кундуз зиллигими,
Сирқиратгич оғир ўйда тўлғонаман.
Ўз-ўзим-ла куймалашиб
Пўртанали юрагимни бошқармоққа уринаман.
Жисмимдаги беҳоллигу
Санчиқларни босиб, янчиб,
Ўтган кундуз энг ярқироқ,
Хушнуд дамлар
Ахтармоққа уринаман...
Ва топаман:
Соғ ишладик,
Қувонч топдик ва кимгадир бўлдик дармон.
Демак, менда йўкдир армон.
Мужмал санчиқ,
Ҳали бошдан,
Ҳали чаккам,
Ҳали кекса кўкрагимнинг
Йиллар тузи тах-тах
Минг тах қатларида
Дарднинг басир,
Энг оғири,
Энг сабили: —
Таранг асаб,
Жонли асаб зўрға турган ипларида...
Минг оёқ деб аталувчи қурт бўлади,
Тез юради, ранги совуқ,
У захликда туғилади.
Гоҳо зиқ, зич,
Гоҳо қўрсиз тунларимнинг
Увадаси йиғиндиси — асабларим
Шу қуртсимон
Бошдан-оёқ бирдай қамраб
Юрагимни тишлай бошлар,
Бу азобга тоб бермоққа уринаман.
Уринаман, тўлғонаман.
Миямдаги битта санчиқ,
Уста қоққан михдай маҳкам.
Ёзаманми, ёнаманми унга не кор?
Маҳкамликда михнинг ўзи —
Асаб тиғи берар озор.
Яна юрак,
Ҳорғин юрак — дард созлаган тор совутда
Қисилади, қийналади...
Ҳорғин кўксим,
Томирларим!
Наҳот энди ишлаб бўлдик,
Яшаб бўлдик?
Шундай бўлса
Азоб бермай дам ола қол!
Кўп курашдим,
Ва шодманки, шунча йиллар ғолибаман,
Иродамнинг вафосидан миннатдорман...
Лекин узр,
Минг бор узр,
Мен чарчадим.
Дардларимни торта-торта чин чарчадим!
Бутун умр мисқол-мисқол
Чўккан дарднинг ўзи ташлаб кетмас-ку ҳеч,
Метиндан зўр ўжарлиги битмас-ку ҳеч —
Шундай кибор,
Шундай беор.
Шундай ғадлар
Ўзим билан кетгувчи ҳол.
Лекин ҳорди мендаги жон,
Илож бўлса,
Дардни енгар,
Умр берар дармон истар!
Пешонамни ерга қўйиб,
Сажда қилиб
Ўтинаман Сендан, Умрим,
Мени кечир,
Таҳаммул ҳам,
Қаноат ҳам тугади чоғ!
Ҳориган жон бир беозор ором истар!
Ким билади, балки елар
Йўл-йўлдаги умидимга заҳрин сочиб,
Тириклигим жон томирин,
Қишга кирган ҳаёт боғим босиб, янчиб,
Ҳузурлангич ўша зўрлик —
Номи ажал!
Ета қолса:
Битта илинж.
Етсин майли:
Фақат уйда,
Ўз элимда.
Бутун умрим
Шод, ҳузурим
Бутун қўрим —
Шу такдирим — Она элда.
Лекин, ҳозир шошма, Ёвим!
Шошма, шошма, яқинлашма!
Битгандан мўл — битмас ишим,
Яхшиси, сен чекина қол.
1983


Кґнгил тоІ ґлди, тоІ ґлди

Жаҳонотин Увайсий ўз таваллудларининг
200 йиллиги тантанасини кўрганларида
шундай барҳаётлик назмини
айтган бўлур эдилар.

Аё дўстлар, бу не даврон, кўнгил тоғ ўлди, тоғ ўлди,
Асрлик зулм уйи вайрон, кўнгил тоғ ўлди, тоғ ўлди.
Улус обод, ҳама шодон, кўнгил тоғ ўлди, тоғ ўлди,
Ки ҳайрат ҳам ўзи ҳайрон, кўнгил тоғ ўлди, тоғ ўлди,
Бу янглиғ бахт-саодатдан кўнгил тоғ ўлди, тоғ ўлди.

Билурмен, ҳасрату ғам таҳ-батаҳ бизнинг ғазалларда,
Нечунким, эл учун зиндон эди дунё азалларда,
Ҳақиқат ҳам, адолат ҳам очарди юз масалларда,
Жафо тахт йўқ, қаро бахт йўқ, ҳамма офтоб назарларда,
Бу тенглик, бу камолатдан кўнгил тоғ ўлди, тоғ ўлди.

Синибдур гумбази зулмат, ҳуррият барқарор охир,
Тасанно, биз аёл аҳлига шаън-иқбол шиор охир,
Саодат шеваси солмиш кўнгилга шавқ-шарор охир,
Яловдир шеър, кел эй, хушнуд дилингни эт нисор охир,
Бу эҳсондан, бу давлатдан кўнгил тоғ ўлди, тоғ ўлди.

Икки юз йил суронидан омон чиққан саботдирман,
Ватан бир бахт, менам бир бахт, икки нурли қанотдирман.
Ажаб толе жаҳон ичра тағин бул кун ҳаётдирман,
Каломим бирла номим парпироқ мангу баётдирман,
Бу эъзозу бу ҳимматдан кўнгил тоғ ўлди, тоғ ўлди.

Дилимни шамъ қилиб эрдим, бу даврон минг чароғ ўлди,
Ўғил-қиздан жудо эрдим, менга авлод қароғ ўлди.
Ки рўзғорим хароб эрди, элим бошга паноҳ ўлди,
Не сўз айтдим, қаро ўтмишни фош этган яроғ ўлди,
Замон берган бу қудратдан кўнгил тоғ ўлди, тоғ ўлди.

Бу ёнда Нодирабегим, бу ён Маҳзуна лутф этса,
Назмгўйлик тузар бўлсак, кўнгил торин қувонч чертса,
Умидни шеър этиб сочсак, туман дилга бориб етса,
Неча Гулчеҳралар озод, кўйингга жўр бўлиб кетса,
Бу хил мумтоз шуҳратдин кўнгил тоғ ўлди, тоғ ўлди.

Увайсий, боқ бугун юртда назм — толе, зако қонун
Муҳаббатга адо қонун, садоқатга вафо қонун,
Ки булбул чах-чахи янглиғ қўшиқларга садо қонун,
Ташаккур, қадру ардоққа, сенга умри бақо қонун,
Ажаб камёб бу қисматдин кўнгил тоғ ўлди, тоғ ўлди.
1983


Демак, баµор келди...

Синди қиш тўқиган муз ҳисли қафас,
Мана, яна қушлар чуғурлаб қолди.
Она нигоҳидай мулойим нафас
Замину Осмонни бағрига олди,
Демак, баҳор келди.

Бу нафасдан ерда кекса-ю ёшнинг
Одим, чеҳрасида эзгу рўшнолик.
Дов-дарахт кияжак зилол либоснинг
Зилол барин тутиб югурар шоддик.
Демак, баҳор келди.

Келар деб шу сийқа қадим йўл билан,
Эзгу интиқликда кўпчибди тошлар.
Ел такрор, бетакрор илиқ қўл билан
Сочмоқда гулларга ишқдан қуёшлар,
Демак, баҳор келди.

Саховат момоси — тоғнинг кўксидан
Кўпириб, ҳайқириб сути тўкилмиш,
Зарраси сочилган музлар устида
Шошқалоқ ғунчалар чоки сўкилмиш,
Демак, баҳор келди.

Ҳамиша неъматга ҳомила тупроқ
Тўлишган танини солмиш офтобга,
Деҳқон қулоғига таниш қўнғироқ —
Жарангдор куртаклар етибди тобга,
Демак, баҳор келди.

Яна бедор, маъсум тун оғушида
Одимлайди сирлар, ширин шивирлар.
Бетобе шаббода нур ҳовучида
Юлдуздай сепмакда жоду, сеҳрлар,
Демак, баҳор келди.

Келди баҳор!
Кетар ташлаб уйғониш,
Бутун куррамизга битта баҳор у!
Одилми, қотилми — ҳар жонга таниш,
Меҳр маъбудаси наврўз-наҳор бу,
Ахир, баҳор келди.

Бу кун йўлларида олов кўп, зор кўп,
Жаҳонда қанча жон чиқмайди пешвоз.
Деҳқон уруғ сочсин, ўқ сочмасин тўп,
Қувғин эллар қушдай юртга қайтсин боз,
Ахир, баҳор келди.

Не масъуд ҳузур бу, ёруғ жаҳон бу,
Ер, Инсон баҳор-ла қовушган онлар.
Давлатлар!
Илтижо,
фармон, исён бу!
Баҳор йўлларига сепмангиз қонлар,
Баҳор боқий келсин!

Аянч такдирларга бўлиб таянчлар,
Бахтлига ишонч у, бахтсизга толе,
Абад қонунидир элтмоқ севинчлар,
Қабоҳат, ҳунрезлик бўлмасин моне,
Баҳор боқий келсин!

Ўқ отган кемалар денгизга ботиб,
Чирисин!
Тин олсин эллар, оламлар.
Одамлар, ўлдирманг одамни отиб,
Баҳор каби қайтиб келмас одамлар!
Баҳор боқий келсин!
1983


Лавµа

Шом келар узоқлардан бўшанган боғ қўйнига,
Йўл-йўла ичиб шуъла.
Тўкилар осилишиб заъфар барглар бўйнига
Ёз тўқиган ашула.

Ўз ҳолига кексарган ҳар дарахтдан бир гулхан,
Тавсиф йўқ менда рангга.
Бетховен мусиқаси гўё борлиқни тутган,
Ер-кўк мафтун жарангга.

Алвон қўшикдай лов-лов ёнади ниҳол гилос,
Кузранг чеҳрамда акси.
Токда чайқалса боғбон унутган бир бош чарос,
Қалбимда ширин рақси.

Яшил либосда ҳамон чинору арғувонлар —
Кекса сумбатда бардош.
Наздимда, урушларда бева қолган жувонлар
Бардошда унга тенгдош.

Бўлиқ тилла бошоқлар боғламига ўхшайди
Ниҳол анор туплари
Хил-хил дарахт, хил-хил куз,
ўз рангида яшнайди,
Ўзича қўшиўлари.

Арикда тиниқ-тиниқ, милдир-милдир оққан сув
Шеваси дилимга хуш.
Кекса ялпиз бўйлари уйғотса яшил туйғу,
Менда йиллар фаромуш.

Кўкда: бир ёқда қуёш, бир ёкда кезар булут,
Кўксида ухлар туғён.
Жанубга учган қушлар қолдирган салом бўлиб
Эшилса ипак мезон —

Латиф, ёрқин туйғулар куйга қоришиб дилда
Берса баҳорий қувонч,
Наздимда: бўғотимга қўйиб кетган инига
Йўл олади қалдирғоч.

Уфқларга сирғилиб кетиб улгурмайин кун
Дилимда аллам юлиб —
Кўксидан салқин-салқин тушади ер узра тун,
Ой чиқар дуркун бўлиб...
1983


Далада куз

Нафис баҳор ўтди,
Чақноқ ёз ўтди:
Тупроқ узра қуёш шуъласи.
Ерга инмас унинг ҳам ўти,
Ҳориб,
Чарчаб ётар ўлкам даласи.
Кўзларни,
Дилларни яйратди кўрки,
Шоиру рассомга бахш этди илҳом.
Гўё тушганидай бошидан бўрки,
На чаман,
На полиз,
На пахтазор — ном...
Кўзлардан,
Диллардан нарида унут,
Фақат ўз танида боради юмуш.
Онадай сахий-ю, бир тамаъсиз юрт
Ҳосилини тўкиб, ётар бежунбиш.
Худди кексалар ҳам
Шу тупроқсимон,
Юзларини кесган саноқсиз ажин,
Шамолсиз иқлимда ётган нақ уммон,
Аммо на фикр, ўй тин олади жим...
1983


* * *

Она-Ер устида байрам,
Диллардан юксалар осмонга қуёш,
Байрамларни сезар бағридаги ҳам,
Уларнинг умрига қўшилмайди ёш.
Ўн саккиз ёшли қиз лабидай нафис
Гул қўйдим.
Мен ёндим,
Гулларим сўлди.
Баҳорим!
Кузлигим наҳот этдинг ҳис,
Наҳот қирқ йил ёнган етим ўт сўнди?
1983


Бинафша

Қаҳратонда ерга тўшалганда қор,
Менинг кўнглим тусаб қолар бинафша.
Дилим таг-тагидан эрка бир виқор,
Ўрар чирмовиқдай хушбўй бир нашъа.

Энг хушрўй, энг кўркам гулларнинг атрин
На бўй, на ҳуснига этолмам қиёс,
Беқиёсдир ҳушни элитган баҳри,
Тун ёстиқда сўлган бинафшага хос.

Шу ҳузурни қўмсаб, қутурган қишда
Думбул баҳорларни нигоҳим излар...
Гоҳ-гоҳ бугунимиз эмас, ўтмишдан
Иссиқ нафасларни излаймиз бизлар.

Хаёл чаманида бўй чўзиб ўтлар,
Чўлда ел ва нурда лолалар балқар.
Кўклам шарпасидан синиб сукутлар,
Тарновдан ариқдан сув бўлиб оқар.

Ниҳоят, маъсумам — жажжи бинафша
Сафсарранг гулханин сочар ийманиб,
Ўнгир, ариқ бўйин тутади нашъа,
У буюк борлиққа боқар жилмайиб.

«Салом!» — дейман хаёл бинафшасига, —
Сенсиз кўнгил боғим қоларди ғариб!
...Ҳеч маст бўлганмисиз соф нашъасига,
Бошин хиёл эгиб турса жилмайиб?..
1983


Тґй оішомидаги ґйлар

Лола боғимизда эди бир ғунча,
Яшнаб кетди бирдан, нақ оппоқ чечак,
Ўзимиз эркалаб, севиб тўйгунча,
Муҳаббат азми-ла бўлди келинчак.

Хотирда: дунёга келган илк тонгда
Қулоғига айтдик Навоийдан шеър.
Ким билибди унда: балоғат онда
Буюк севги сўзин айтар Алишер.

Ва шу мард кўнглимиз эрка қушини
Ўтли қўш қанотда кетади олиб.
Икки сулоланинг қалбу ҳушини
Маҳлиё, бахтиёр тўлқинга солиб.

Ҳай қиз, биз беролган энг қимматли сеп —
Меҳр қонингдами, дилдами вафо?
Тақдирлар бирлашди кўркам толе деб,
Толе берар шодлик бўлмасин адо.

Гул бўлсин сен борар янги ошиён,
Кириб бор меҳрингдан пойандоз тўшаб,
Катталарга вожиб эъзозу эҳсон,
Яйратсанг суюкли фарзандга ўхшаб —

Ўзинг ҳам яйрайсан, яшарармиз биз,
Орзу очаверсин тўрт фасл чечак.
Муборак тахтингиз, боқий бахтингиз,
Суюкли куёву ширин келинчак...
1983


* * *

Мен денгизнинг лабида турдим,
Денгиз бўлиб чайқалди юрак,
Мен денгизнинг лабида турдим,
Унут ўзим, унут теварак.

Қуёш сочиб қизил чечагин,
Ёниб ётар тўлқинлар лов-лов...
Лекин йиғганини шафақ этагин
Назаримда, кўрмади биров...

Ҳалигина ипакдай ҳим-ҳим
Алвон тўлқин эшилган эди...
Ҳижрон азми — гулгун кўйлагим
Худди шундай ешилган эди...

Олов тўлқин туннинг ичида,
Қолиб маъюс чайқалар денгиз...
Мусибатнинг занг илгичида
Гулгун кўйлак осиғлиқ ҳануз...
1985


Иірорга ваіт етди

Ижод денгизимнинг маъсуд жўшқинин
Қўмсаб, дил бисотин очаётирман.
Олдда бекатларнинг туйиб йўқлигин,
Нотугал машқларим сочаётирман.

Ўйласам, ҳаётга ўзни бағишлаб,
Бурчлар савалабди мисоли жала.
Маҳрам қаламимни тишимда тишлаб,
Яшабман, ишларим гоҳ бут, гоҳ чала!

Гоҳи хит қаламим бўлмас, ўткирлаб,
Столимда қоғоз ётар заъфарон...
Шу туйғу савалаб, кўксимни тирнаб,
Гоҳи шом, гоҳ саҳар ўйларим гирён.

Ҳордиқ билмас толган дилни парчалаб
Ҳислар мендан кутар оташдай сўзлар,
Қалбимнинг тубида қолдими яхлаб,
Мен кўр бахш этмаган номсиз юлдузлар...

Қанча таваллолар қилмай тақдирдан,
Сочилган умримдан бермас бир йилин.
Лек афсус, надомат аччиқ заҳридан
Кашф этиб бўлмайди рўшнолик илмин.

Силқиб-силқиб қанча сув бермасин, ер,
Қудуқ ҳеч жаҳонда тўлиб тошарми?
Қалбим, тафаккурим синчковлаб қазир —
Қаламимни қайноқ қўлим тутарми?

Мулки лак-лак дилни этмакман аён,
Биласиз, яшадим риёдан олис,
Шеърият кечирсин, кечирсин шеърхон,
Замона зуғмидан бўлмадим холис.

Гоҳ товшим етмаса санаманг сукут,
Шоят тарк этмаса дийдаларни нур,
Шеърият санъати бўлмайди унут,
Божлиман элиму, юртга бир умр.

Завқим, ҳайда мендан узлатни йироқ,
Емирилди гумроҳлик йиллар мақоли.
Очунда, ҳар дилда парпирар чироқ,
Истиқлол нуридан ҳаёт сафоли...

Ажинлар из солган кенг пешонамни
Истиқбол ҳаётбахш қўли силасин,
Қатағон йиллари ютган жигарлар
Доғини тортмоққа тоқат тиласин!

Йиллар,
Нодир онлар,
Севги,
Ҳижроним
Дилимни замзамлаб кетмаган учиб...
Бор бўлса бешми, ўн мухлис шеърхоним,
Ёзмоқ — бахт қаламим учини ўпиб.
1994


Бу оішом...

Бу оқшом пориллар дил нурингизда,
Дийдор бахти насиб яна Сиз билан.
Турибман, азизлар, ҳузурингизда
Ҳамон ўтлиғ кўнгил, ёруғ юз билан.

Ҳамон мулкимдаги сийму зарим — шеър.
Сочимда, чеҳрамда йиллардан нишон,
Саждагоҳим танҳо Ватан, Она Ер,
Орзуларим карвон, сарбоним — ишонч.

Ҳамон ота-онам, икки жаҳоним
Азиз ёди аро шикаста, бутман
Ишқим — алангадир, қордир ҳижроним
Саксон йил ловуллаб сўнмаган ўтман.

Иккита кўзимга икки қорағич —
Мунисим Ҳулкарим, алпим Омоним
Ширин набиралар ҳаётдан тортиғ
Ҳар бири жонига пайванддир жоним.

Номлари, ёдлари пайғамбар монанд
Ҳазрат устозларим — теран илдизлар,
Мен ундан жон олиб кўкарган дарахт,
Меваси — қалбимдан отилган сўзлар.

Ҳикматлар бағрида дур, марваридим
Аждодларим менга ифтихор, ғурур
Шу мавжлардан томган нуқра умидим
Шоира қизларим бахш этган сурур.

Бу назм боғига киролмас хазон,
Бизни маҳф этолмас завол лашкари,
Мен кетсам мунғаймас умрим ҳеч қачон,
Бу боғлар — бир боғлар бўлади ҳали...

Ҳамон эътиқодим — ҳақиқат, ҳакдир,
Сўзлайман, юзимни тутиб Каъбага,
Емира олмайди ўткинчи такдир,
Осуда ўтади руҳим абадга.

Эъзозлар, ардоғлар учун ташаккур
Асли Сиз офтобим, мен зиёсиман.
Тонгларингиз кулсин дориломан, ҳур,
Бахтим шул — ўзбекнинг Зулфиясиман.
1995
 
Дафтарларда
іолган
лаµзалар




Кечир мени

Ниҳолгина қўлда думбулгина соз,
Ишқ кошонаси билдим кирганим уйни,
Қўшиғим пардаси ҳозирча саёз,
Севги бахти босиб кетганди куйни.

Серқудрат, сержаранг кучга топиниб,
Мен куйлай бошладим оташин ишқдан,
Мастликдан қолардим ожиз, талпиниб
Ҳиснинг дурларини ипга тизишдан.

Туйғумни учмоққа қанот деб билдим,
Пойингга шеърларим ташладим дилдек...
Ҳижроннинг, фарёднинг дудларин тўкдим,
Юрагим сўкилди бўлак ва бўлак.

Йиғлаб келиб, йиғлаб кетар одамзод,
Либосимдай қора шеърларни ёздим,
Шак келтирганим билмай, бир девонавор,
Оз бўлса аклдан ва диндан оздим...

Бир муштдек юракка бўлаверди жо
Ҳам севги, ҳам ҳижрон, сабру ирода.
Йиллар ўтган сари заҳри зиёда
Унутганлар-чун ҳам бўлдим мен фидо.

Ўша кошонамиз қучоқларидан
Ҳамма полапонлар бошлади парвоз.
Баланд учиб, осмон қирғоқларидан
Жаҳон бўйлаб кетди ҳар бирида соз.

Ўзни сенга бериб яшадим узоқ,
Номингга муносиб фарзандлар ўсди,
Менга шамолни ҳам кўрмайин раво,
Ўшалар ажаллар йўлини тўсди.

Мук тушиб тилимиз саждагоҳига
Ҳар бир калимага изладим сайқал,
Шунча йиллар қалам деҳқони бўлиб
Кечир, қўёлмадим шеъримдан ҳайкал.


Тунги гулханлар

Биз кундуз ошиғи эканмиз асли,
Тунни севамиз деб ёзамиз қўшиқ.
Тоғлар этагида бўлдим ёз фасли,
Ҳар салқин парчаси минг сирга тўлиқ.

Мен сиру сеҳрни билмас ожиза,
Жодугар домига тушгандай бўлдим.
Тоғлиқнинг чақнаган юлдузи ора
Ёниқман деган мен, бир йўла сўндим...

Тўлин ой самонинг қулуни мисол
Саллона-саллона булут-ла ўйнар,
Этакда чўпонлар қургани гулхан
Тиллари еллар-ла чирмашиб ўрлар.

Елнинг майин куйин қолдимми илғаб.
Тошларнинг бағрида туғилар чашма...
... Қалбимни инжитиб дард, орзу йиғлаб,
Ажиб оғриқ ҳислар қилди карашма...


Метрика

1

Оталарин азиз мулклари титиб,
Икки метрикани топдим... Ва лекин...
Мана, ярим аср умрим ўтиб
Етук фарзандларга онамен букун.

Атай ахтармадим буни бирон кун,
Зеро ҳар саҳфаси они эсимда
Жисмимдан узгунча сезмаганларим,
Қалб эшидай кезиб юрди жисмимда.

Бўйи билан бўйим, ҳуснила ҳусн
Касб этиб юраман оламим ичра.
Ифтихордан кўксим кўгхчиган ҳар кун
Мени азобла эзиб ташлар хотира.
Дерди: «Қизим сиздай бўлсин суюкли.
Ўғлим бўлсин мендай хуш толеъга ёр!»..

2

Қизимга...

Эсимда... Ҳаммаси эсим, сезгимда,
Инсон туғилишин севинчи, дарди...
Ўзим тўнганда ҳам бўлдинг севгимда,
Дардлар унутилди... гўё йўл гарди.

Ўсдинг ёзда яйраб, лекин қиш ҳоврин
Меҳрим ўтларида синдирсам дедим.
Баҳор гўзаллигин, куз сахийлигин,
Қор поклигин сенга сингдирсам дедим.

Шундай... тандан уздим, юлмадим дилдан,
Аввал эргаштирдим, сўнг ўтдим ортга.
Ортдан кўрмоқ осон бахтлими чиндан,
Лойиқми мен эккан ниҳол ҳаётга...


Кенгашда, сґзлардан зерикканда…

1) Қалам

Қўлимга келади ҳар рангли қалам,
Бири тун рангида, бири шодликдай,
У соқов! Агар мен қўлга олмасам,
Дил тегса сайрайди тирик борлиқдай.

Лекин инсон тили, инсон дилига
Тилмоч йўқ бундайин содиқ ва мунис.
У зилол ўрмонлар куйдор елига
Фарзанд бўлганида куйни қилар ҳис...

Майли, олсин бир дам қалбим дардини,
Бир дам осойишта мен ҳам олай тин.
Ахир у тақдирнинг қамчи зарбини
Савол бермасданоқ англайди сокин....

* * *

Ҳурматли Олим Хўжаевга

2) Садоқат ҳақида ёзинг дейсиз...

Сиз чинор ҳақида ўй сурганмисиз,
Қуюқ соясида турганда?
Ниҳол жамолига лол турганмисиз,
Ёшлик Сизни олиб юрганда?

Йўқ!
Ёшлик ўзи ўт!
Изламас соя
Тўлқин,
      ўтқин,
вулқон унга ёр,
Бошни айлантирган севги кифоя.
Ҳаётда афзалроқ ўзга йўқ виқор.

Лекин чинор ҳам нақ Сиздай кўркини
Неча ёзиб, неча тўкади.
Зилол баргларини, қийғоч гулини
Ўзи очиб, ўзи чўкади.

Ҳаммадан узоқда ўтар бор умр,
Олиб ўтар уни қаноат.
Қанча кураш, қанча изтироб, ҳузур.
Бугун чинордаги салобат.

Мана энди кўкни тутгудай кўркам
Соясида топасиз роҳат.
Қанча маҳрумликлар, танҳолик, алам,
Ютгани бир умр, номи Садоқат.

3) Азиз устозим Ғафур Ғуломнинг муҳтарама
рафиқалари Муҳаррам опамларга

Ёш эканман, бахтдан чақнаб, ярақлаб,
Муҳаббат, меҳрнинг баҳрида чўмдик.
Шеър ёздик, шеър бўлдик, илҳомга ўхшаб
Қалбларида яшаб ҳуснга тўлдик.

Ҳижрон! Ҳижронидан йиғладик, куйдик,
Енгдик, чунки бизда бахт улуғ эди.
Оталарга лойиқ ҳайкаллар қўйдик,
Лойиқ авлодларда яшашар энди.

Биз-чи, қўмсай, қўмсай шеър, меҳр, бағрин,
Ҳамма аламлардан чиқолдик омон.
Умримиз фаслида куз, қиш ҳам яқин,
Дилда ўша баҳор яшнайди ҳамон.

Яшаймиз шу ноёб тақдирдан мағрур,
Ҳаёт деб аталмиш мушкул наҳрда.
Китоблар бахш этар кўзимизга нур,
Номларин такрорлаб оппоқ саҳарда...


Лаµзалар

* * *

Оқшом эди, бир оғуш оқшом,
Ҳам дилдираб, ҳам сирқирар дил.
Кўзлар лиқ мунг, шодлик тўла жом,
Сипқориш ҳам жоиз, тўкмоқ ҳам мушкул.

Ҳар юракда турфа ранг нидо,
Ҳар бир сўзнинг ўз эзгу сири...
Шунча кучли, мағрурлар ҳам гоҳ,
Бўлиб қолар онлар асири...

Сипқорилмас жом кўп ҳаётда,
Энг эзгуси кўзларда яшар.
Тўкилсайди у ҳамма зотда,
Дув сўкилиб кетарди башар...

* * *

Ҳамма қонунларнинг устидан чизиб,
Менга қайта умр этсалар инъом,
Ахтариб топардим ҳар босган изим.
Бекор ўтганига бахш этардим жон —
Ҳар бирига тутар эдим бир шеърим.

* * *

Мудом кайфиятга тобеъдир инсон,
Хастасан, таъбингга киради тундлик.
Гўё ишонч синиб, зарб ейди имон,
Умрингнинг ўзи ҳам қолди бир кунлик...

*   * *

Тунги сукут тарқалиб,
Тонг товушга тўлиб отади,
Шаббодага япроғин артиб
Дарахт кунга қулоч очади.

Кекса она табиат турар,
Таржимонсиз киради руҳга.
Ҳар бир жонга уйғониш берар,
Мадад бўлар ҳатто мажруҳга...

* * *

Мени дард енгдими, ё битдими куч,
Вужуд сўкилгандай чок-чокдан гўё,
Тинглайман, ўқийман, лекин дил бўм-бўш,
Куп-кундуз кўрганим ўнгимми, рўё?

Қайда парпирайди ғайрат, шижоат,
Жўшқин ҳаётта жўр бир жуфт қанотим?
Ирода, кўзинг оч, берма ижозат,
Ястаниб ўтмасин қолмиш ҳаётим...

Қуёшни, яшашни, зилзилани ҳам
Севиб, қўрқиб енгиб яшагум келар,
Ахтар ердан, кўкдан илҳомни илдам,
Балки мен кирмаган йўлларда елар?

Инсон юрагини топишга қодир
Акдим, кўзим толди бир соз шеърсиз...
... Умримда юз берсин мўъжиза содир,
Шеър бер,
куч бер менга,
қолмай шодликсиз...


Илтижо

Дард саҳросин ўнгу сўлига
Имдод кутиб сарбондир нигоҳ.
Бугун бунда парвона бўлган
Эмиш мумтоз ҳазрати жарроҳ.

Тангри берган чипқонни ёрмоқ
Бандасига эмасдир раво.
Кўрасида бурч экан пишмоқ,
Ҳўп қоврилиб бўлганман адо.

Не-не наштарларга чидам берганман,
Гоҳо зако тиғи ҳам ларза.
Бўронида хўб соврилганман,
Ўзим ўлиб, ўзим тутганман аза.

Ҳажр чипқонининг кўзин очмоққа
Вожиб олмоқ тангридан ризо,
Ўзи ярлақаса тонгла уёкда
Нур бўлиб ёғармиш ҳар ноҳақ жазо.

Бегуноҳ гуноҳга ботганлар озми,
Тақдири жафога солган қийноқлар.
Сафоси, жафоси, вафоси билан
Зиндонга ташланган қалби қайноқлар.

Оғриқ кўкракларда қуриганда сут
Тирик беваларнинг етим фарзанди
Эмдилар сут эмас, заҳарни қулт-қулт,
Қатағон йилларнинг дардию-зардин.

Тарихдан қадрли, боқий туйғулар,
Маҳбуслар танида қолиб кетган куч,
Ҳали ҳамон кезар, билмай уйқулар
Қурбонлар руҳида уйғоқ қолгағ ўч.

Мен ҳақ меҳробининг пойига чўкиб,
Тўкиб солдим таваллоларим.
Бир кун йиғлаб қолар ҳаммадан ҳам кўп
Етимликка увол шўрлик шеърларим...

Изларига қиламан таъзим,
Қайтаринглар келган йўлига...
... Бу ёғига топарман тўзим,
Берманг мени жарроҳ қўлига.
1995




Хайр энди…

1

Хайр энди, видога чоғ етди муддат,
Наздимда қолмади олдинда йўллар.
Қолгани яшиндек шошқин, тез суръат,
Муаллақ қотади узатиқ қўллар...

Орзулар бўлмасин офтобдай ёрқин,
Гулбаргдан чиралган каби узилур.
Яшаш қанча ширин бўлмасин, лекин
Юмулиш истамай кўзлар сузилур.

На севги, на нафрат, на қувонч, азоб...
Не дод, кекса ажал абад огохда.
Юкли тевасимон тонгла чорроҳда
Гангиб қолсам, эгам,
садқа эт нажот...

2

Хайр энди, табиат, тўрт дунё ҳусн,
Қуллуқ, узоқ йиллар яшадик иноқ.
Қишингда оқ кўркинг сеҳрлаб ҳиссим,
Саратонинг туйғум ёқди қайноқроқ...

Сенинг ўзинг танҳо мумтоз бир китоб,
Расо ва норасо дарсинг ўқидим.
Бу тун борлиғим-ла қучдиму боб-боб,
Оғрикдан таваллуд шеърлар тўқидим...

Бандаман, эй тангрим, кашфи табиат,
Ахир бир кун сўнар кўзларимда нур.
Калимага заиф қолганда қудрат,
Сенга сўнгги саждам — умрим тўкилур...

 
Достонлар


Мушоира

1

Гўзал тупроқ узра қуйилади оқшом,
Кундуз олар дам,
Жўшқин мушоира этади давом,
Дўстим, кел сен ҳам!

Бунда узоқдаги дўст бўлар яқин,
Санъат, маҳоратнинг байрами бунда.
Қофия, сўз, мисра баҳслари қизғин,
Юраклар даврага киради бунда.

Қай дил чамани бой, жозиб нафаси,
Кимнинг фикри ўткир, теран, бокира?
Бу гурунг — шоирлар мусобақаси —
Шарқ шеърий чамани, бу мушоира.

Ҳинд тупроғи узра қуйилиб оқшом,
Кундуз олгач дам,
Жўшқин мушоира этади давом,
Дўстлар бўлиб жам.

Юраклар жўр экан, овоз ҳамоҳанг,
Зарра эҳтиёж йўқ муҳташам залга.
Бу шеър боғида гўзал, ранг-баранг
Қўшиқ солиб келган ҳар шоир дилга.

Нил қудратин жўшиб куйлар бир шоир,
Ўзгаси Ганг мисол қилар замзама.
Фақат манго нусха ажойиб чодир
Бу гўзал даврага ажиб бошпана.

Бенгал кўрфазидай кўк эди оқшом,
Атрофда табиат оларди нафас.
Ранг-баранг чироқлар шуъласи бесон —
Осмон кўзларида этар эди акс.

Салқин соҳиллардан эсган шаббода
Гоҳ олиб келарди гуллар бўйини.
Гоҳ ҳинду қиз куйин, гоҳ яқин боғда —
Сайраган анвои қушлар куйини.

2

Лекин ҳоким эди даврда илҳом
Ва жасур қалам.
Жўшқин мушоира этарди давом,
Дўстлар бўлиб жам.

Ўзбек супасидай саҳнада гилам
Чироқда ёнарди гўё камалак.
Сеҳру муҳаббатин кўрарди баҳам
Ҳақиқат ва нурга интилган юрак.

Саҳнага чиқарди сипо ва вазмин
Чинор ҳам, ниҳол ҳам шеър чаманидан.
Кекса-ю ёш отаю фарзанддай яқин
Ёнма-ён дўстликнинг бу байрамида!

Шарқнинг ҳам бузилмас одатлари бор,
Ҳиндлар удумига қиламиз амал.
Чордана қурамиз меҳмон ва мезбон
Камалакранг гилам узра бемалол.

Пойгакда ечилган хил-хил пойафзал,
Менинг назаримда ўзи бир дунё.
Ҳар бири ўзида меҳнат ва гўзал
Эли тупроғини келтирган гўё.

Ажиб Ҳиндистоннинг моҳир, миришкор
Косибин санъатин қилиб намойиш —
Ҳиндлар сандаллари тизилган қатор.
(Сандал дарахтидан ясалган эмиш).

Жуда соз! Албатта кийиб бирини
Сафарга дўстлар-ла мен ҳам чиқаман.
Ҳар қўлга тутқазиб халқим меҳрини,
Буюк Ҳиндистонни яёв кезаман!

Хитойнинг бежирим, Боғдоднинг пухта
Оёқ кийимлари турар ёнма-ён.
Қарайман, Цейлон бор ва бошқа жуфтда
Эрон косибининг санъати аён.

Мўғулча этиклар Панжоб кашфига
Эртак сўзлагандай эгилиб турар...
Кўзлар қувонади инсон ишига,
Шод этар тупроғу, меҳнат ва ҳунар.

3

Сўнгра теваракка сездирмай секин
Мен ҳам туфлимга ташладим кўзим.
Ёмон эмас, Аҳмад, моҳир, камтарин
Ватандош, ишингта олқиш ўқидим.

Биламан, сенинг ҳам бунда дўстинг бор,
Балки Бомбейда у, балки Кашмирда.
Қаерда бўлмасин худди сен мисол
Яшайди даврада янграган шеърда!

Чодир ичи гавжум, кўзлар мунтазир,
Микрофон олдида давр соҳиби:
Кумушдай сочида жилваланар нур,
Кўзида ёшликнинг сўнмас ёлқини.

Неларни кўрмади бу кўзлар? Юртда
Кўз ёши дарёдай оққанин эслар.
Ирода ва умид тобланиб ўтда,
Қари ҳақсизликни ёққанин эслар.

Энди Ҳиндистони устида офтоб,
Шунинг-чун ёш, дадил, мунаввар боқар,
Бизни шеър баҳсига қилади хитоб,
Қўшиқ юраклардан дарёдай оқар.

Гўзал таржимондир зангори оқшом,
Ҳар юрак ҳамдам.
Бизнинг мушоира этади давом,
Дўстим, кел сен ҳам!

Мана, мусиқадай, севгидай майин
Даврага киради Панжоб булбули.
Нафис сатрлари ёниқ ўтдайин,
Жасур жаранглайди оналик дили.

Шеър ўқийди Непал, Вьетнам, Хитой,
Рус, тожик ўқийди шеърини сарбаст.
Қора алангадай соқолли сингхлар,
Қордай оқ либосли бенгаллар, ҳиндлар.
Завқидан тебраниб нақ тўлқинли сой,
Тингларди ҳаяжон оғушида маст.
Қўшиқ-чи?
Гоҳ кураш,
гоҳ қиз севгиси.

4

Гоҳ кўкдан нон кутиб кўр бўлган нигоҳ,
Гоҳ гўдак кулгуси, гоҳ банан иси,
Сурмали кўзларнинг нози бўлиб гоҳ,
Гоҳ бўғиқ ҳақиқат дод, ҳайқириғи,
Гоҳи юлдуз каби йироқ, ёрқин бахт.

Қулликка санчилган ғазабнинг тиғи,
Гоҳ эрк тантанаси берган адолат —
Осиё, Африка картаси бўлиб,
Ҳаёт аламига, бахтига тўлиб,
Кириб келар эди дилдан дилларга.
Еллар мисраларни диллардан юлиб —
Миллион йўллар билан бутун элларга
Кетарди гўё бир самимий сайёҳ,
Ёлқин қанотида дўстлик ва меҳр.
Гўё шарқликларнинг бахтига гувоҳ,
Ғарбни чорлар эди даврага шеър.

Эй латиф, фусункор ҳинд оқшомлари,
Не сеҳр бор эди зангор қўйнингда?
Тингловчи ва шоир ҳаяжонлари
Бу улкан қалб бўлиб тепар тўлқинда.

Янги куй, янги ўй олиб шоирлар,
Дарага келарди, келарди ҳамон.
Дилларни пайванддар эди сатрлар
Дўстлик, қардошликнинг кўпригисимон.

Ёру биродарнинг меҳрига сероб.
Юракдай даврамиз борар кенгайиб,
Жафокаш қонига солиб офтоб,
Кўзида қалбнинг оқлиги ёниб —

Африка фарзанди ўқийди шеър.
Ирмоқдай қуйилар тинчлик сўзлари.
Ором оғушига кирган бўлар ер,
Ёрқинроқ чақнайди кўк юлдузлари.
Сен эрмак эмассан, сен нон, сен ором,
Орзу покиза.
Сен Ҳаёт! Ҳаётни куйла сен мудом,
Эй, мушоира!

Сен чорла, овозинг эшитсин жаҳон!
Шеърнинг уриб турган юраги бўлиб,
Ҳаётнинг энг ажиб куйига тўлиб.

5

Даврамизга кирсин ишчи ва деҳқон,
Ҳаёт санъаткори энг оддий инсон.

Балки у шеър ёзиб, ўқимаган ҳам,
Ижоднинг лаззатли дарди бегона.
Кураши — қалбида қайнаган илҳом,
Китоби — эркка ишқ, орзу ва ғоя.

Майли, ўрин олсин, бу шонли сафдан,
Шоирлар куйига бўлсин ҳамовоз..
Меҳнат-ла яратган саодат, бахтдан
Нақл этган мисралар кенг қилсин парвоз.

Ҳаёт гўзаллиги шеъриятининг
Ёниқ нафасига тўлсин бу жаҳон.
Хавфдан халос бўлган башариятнинг
Қўшиғин тўқисин озод, тинч инсон.

Даврамиз меҳрга тўлиқ бир олам,
Дўстлар бари жам,
Буюк мушоира этади давом,
Келингиз, сиз ҳам!
1958

 
Јуёшли іалам

ХАЁЛ ҚАНОТИДА

1

Йўл узоқ, йўл яқин, бошсиз, сўнгсиз йўл,
Бири тор, бири кенг, равон ва сўқмоқ.
Тинглаб кўр, қаричи минг эртакка мўл,
Туғилмоқдай фарздир бирини ўтмоқ.

Йўл... Тупроқ чеҳрасин кесган сонсиз йўл,
Йўл демак борлиғи издир беҳисоб.
Йўлларсиз коинот — мисоли бир чўл,
На кураш, на зафар, на ҳақ, на сароб.

Йўл демак, ўтилган бир умр демак,
Ҳеч бири муқиммас тупроқ сингари.
Лекин замон ўта борлиғи ҳикмат
Биз-ла келаётган кимлар йўллари?

Ҳа, шундай йўллар бор тўлиқ изларга,
Замонлар тўфони кўмишдан ожиз.
У тирик! Жаҳонни очар бизларга,
Эзгулик меҳроби қаршисида тиз —

Чўккандай киприк-ла суртиб ҳар чангин,
Даҳолар олдида бош эгамиз лол.
Тирик юрагига кирганинг сайин,
Гўзалроқ, яқинроқ сенга истиқбол.

Биз ҳам йўлда... Қуёш, тупроқ васлидан
Қизийди орқада, олдимизда йўл.
Гўзал бўлиб кетмиш тупроқ аслидан
Уруғ сочиб ўтгач меҳнат номли қўл.

Йўл равон, пўлат из сингари текис,
Икки ёғ навбаҳор буёғига мўл.
Ортда қанча юкли, юксиз қолган из,
Олдад борлиғи сир, босилажак йўл.

Нақадар фусункор кўрилажак кўрк!
Дамлар ҳам одимлар қайноқ кундузга.
Очиқ деразадан ел билан кўм-кўк
Осмон отилади машинамизга.

2

Бизнинг машинамиз уфқ ва қуёш,
Елу юракларга киришга шошар,
Муаззам адибга сафарда йўлдош
Бахтидан қувончим аршидан ошар.

Сафар! Оз кездими адиб ҳаётда,
Қишлоқлар, шаҳарлар, элларга сафар.
Мудом шай сайёҳдай — хаёл-қанотда
Тақдирларга сафар, дилларга сафар.

Юриб олов кафтда ёнган тупрокда
Адиб дил иситар нурни қидирди.
Олтин водий кезиб ҳоргач, булоқда
Сув қолиб, гўзаллик, шодлик симирди.

Ҳар сафардан ортиб-тортиб келганин
Фақат қаламига этди ҳадя,
Ҳеч кимса билмади қалам билганин,
Неча бор севилиб, ёнди хуфия.

Бир дамда неча бор чиқди сафарга,
Неча эл-ла бирдан қилди у суҳбат.
Минг тоифа урди ўзин асарга,
Гоҳ уруш, гоҳ яраш, гоҳ бўлиб ғурбат!

Фақат ўзи эзгу бу сирдан огоҳ,
Ёзишга ўлтиргач қилгани сафар.
Гоҳ аниқ сўз излаб, ранг, жон излаб гоҳ,
Сафар қила-қила ёзди у асар...

Ҳа, адиб сафарда! Учар гиламдай,
Машина елади равон изида.
Далалар яшнайди боғи эрамдай,
Табиатга шайдо адиб кўзида.

Бу йирик кўзларнинг теран нигоҳи
Терган бўёқларнинг жилваси не тус?
Учқур хаёлларнинг олов қаноти
Қай аср, қайси давр дамига тўкис,
Уни фақат адиб ўзи қилар ҳис.

Ҳамиша осойиш, салобат сиймо,
Биламиз, жаҳонни қамрашга қодир.
Ким билади, шу он — тез оқар дарё
Каби не хил ва неча тақдир.

3

Завққа солиб ўтар нотинч фикридан,
Асаби савалар не истак дарди?
Йўл, фақат йўл тутар қалам зикридан,
Йўл босилган сари — нари кетади.

Ўйлар билан дил ҳам отилажакдай,
Адиб ўлтиради кўксини қучиб.
Уфқда мўъжиза очилажакдай,
Машина елади қуш каби учиб.

Мотори гувиллар, гувиллар шамол,
Кичик даврамизда буюк сукунат.
Балки янги ҳислар қайнашидан лол
Адиб бол аридек қилади меҳнат?

Фақат чуст дўпписи остидан тошган
Кумуш ҳалқалардан оқиб тушар тер.
Ва унга қўшиғни кўтариб шошган
Каби икки ёндан чопиб келар ер.

Ер адиб сингари тинимсиз ишда,
Бунда чексиз ғўза, у ерда буғдой,
Унда боғ, бу ёқда жийда кумушда,
Бедазор, полизда сабза бир чирой.

Ер барин кўксида қуёшга тутиб,
Бағишлаб ётибди ўзидан камол.
Ишчи ер дилига қулоғин тутиб,
Адиб гўё ундан олади мисол.

— Ойбек ишлаяпти! — дейди, бахтиёр
Хотини адибга қилади имо.
Тақдир адибига ҳамдам этган ёр.
Қаламдай вафодор, илҳомдай зебо.

Виждонидай тоза, ҳаётдай доно,
Серташвиш умрнинг мунис ҳамдами.
Лочиндай ўғиллар ва қизга она,
Ҳорганда тили-ю ишчи қалами.

Эридай заҳматкаш, эридай танти,
Фан ва шеър, гўзаллик ошиғи олим.
Кимё илмининг юлдузларидан
Бири бизнинг азиз Зарифа хоним.

4

Адиб сўзи етган ҳар бир овулда
Ажабмас, топилса унинг шогирди.
Иккиси гўзал байт қўш мисрасидай,
Ишқда, ишда, бахтда умр кечирди.

Ҳа, адиб ерсимон бетиним ишда,
Ҳар босилган йўлдан илҳом теради.
Яна қай куй, ният куртаги нишда,
Кўзи бўстонми, ё ўтмиш дарди?

Ўтмиш ўз юкидан қаддини букиб,
Ҳамон ўлжа олар биздан дамларни.
Битмас ғазнасига ғаввосдай чўкиб
Адиб тинмай терди жавоҳирларни.

Бугун Бухородан қалбини излар,
Излар минг йилларга кирган хаёлин,
Ким билар, бу тупроқ нелардан сўзлар,
Кимлар ечиб берар чигил саволин.

Гарчанд дарслигидай таниш Бухоро,
Титди мудроқ, уйғоқ кекса, ёш бобин,
Зиндонида титраб, минорлар аро
Кезди ва ахтарди дилга хитобин.

Ҳақу ҳақсизликнинг талашларидан
Ҳолдан кетган нордай чўккан қасрлар,
Кўз ёш тепчиб чиққан пгўрхак тошлардан
Аждод заковати ўчмай асрлар —

Ўта мўлтирашиб боқар адибга,
Боқар нураб кеттан арк кўҳна давлат.
Адиб қўл меҳнати, санъати — зебга
Ҳарблар суягидан қурилган савлат.

Шуҳрат қолдиғига боқади такрор:
Қор ёнар, ёқут, дур қон жилвасида
Ҳар ғиштидан тирик боқади меъмор,
Ҳокимлар-чи, замон оч тевасида —

Ўтмиш карвонининг йўлида унут.
Саройлар тупроқ ранг уйқуда мудрар.
Адиб юрагига солиб янги ўт
Қамчи буколмаган такдирлар судрар.

5

Аркка кўтарилар... Қадамлар оғир,
Оёққа ёпишган ботмон тош гўё.
Ўтган икки минг йил замонда, ахир
Қанча ҳоқон, кибор, қанча қул, гадо.

Донг солиб, дод солиб, учиб, судралиб
Ўтмадими бу тим, бўм-бўш йўлакдан?
Сийқаланган ғиштлар машъум йилтираб
Ҳароратинг ютар тортиб юракдан...

Аркка кўтарилар ғусса каби жим
Кўҳна деворлардан уфуради муз.
Шодлигимиз ютиб қултум-бақултум
Обхоналар боқар нақ ўйилган кўз.

Обхона, обхона, эй мудҳиш кунжак,
Балки эзгулик-чун қурган эдилар?
Узоқлардан келган мусофир жиндак
Бўлса ҳам ташнасин босар, дедилар.

Бунда сув сақламоқ, ҳаёт сақламоқ
Демак, боқийликни қилганлар ардоқ.
Лекин амирликнинг тождори олчоқ
Бутун эзгуликка солгандай сиртмоқ —

Сени асл бурчинг — ҳаётдан тортиб
Олди-ю, айландинг қамоқхонага.
Мангу тавқи лаънат юкини ортиб
Кириб бўлармиди ҳур замонага?

Ўйлар адиб ёниб, кўзи қовжираб,
Дарра зарбин сезар ўз кифтларида.
Гўё Айний кўзи боқар жовдираб
Қабиҳ обхонанинг зах шифтларидан.

Вужуди оғрикда, жони қийналиб,
Жунжикиб қўлларин суқар қўлтиққа.
Йирик, доно кўзлар мунгга айланиб
Тўкилмаган ёшга тўлади лиққа.

Шу кун қанча кезди, кўрмади қанча,
Кўзидан кетмади Айний кўзлари.
«Ҳеч ким бу зиндонда ёнмади унча
Ва ўқдай тешмади ҳеч ким сўзлари.

Ҳаёти, қалами, коми — жасорат,
Қуллар юрагининг ошкор фарёди.
Сўнгги исён қони, илк эрк, саодат
Шодликка ҳамдам-ди улкан ҳаёти» —

Ўйлайди. Сўнг сўнгсиз учрашув, баҳслар,
Чуқур хотиралар бари жонланиб,
Гўё ғолиб Айний ёзиб, шодланиб,
Сўниқ Арк устида этарди парвоз.
Гўё дерди: «Мавзу ётар тахланиб,
Ёзинг, Ойбек, қанча ёзсангиз ҳам оз!»

Оқшом ҳориб қайтди меҳмонхонага,
Икки қиз ва йигит кутарди уни,
Институт залин тирбанд тўлдирган,
Суюкли куйчига илҳақ ўлтирган
Сонсиз мухлислар-ла шеърхонликда
Жаранглаб кечага шўнғиди куни.

ЯРАТИШ ДАРДИ

Бирдан уфқлардан боғларга кириб,
Йўлни кесиб чиқди осмон ранг дарё.
Адиб хаёлидан далани суриб,
Ҳис тўлқини инди танига гўё.

Ва у ўз кўксини қучди маҳкамроқ,
Учмоқ истагандай қўзғалди хиёл,
Йўқ! Борлиқ энтикар унга яқинроқ!
Севинч-ла тамшанди. Ким билсин, хаёл —

Янги қаҳрамон-ла учраштирдими,
Ё сув парисига қилди рўбару?
Ё қуёш билан қўл ушлаштирдими,
Ё тоғлардан тушди олдига оҳу?

Кенг яғрин, мош-гурунч қўнғироқ сочда
Сездим ёйилганин янги ҳаяжон.
Адиб рафиқаси бу янги мавжда
Кўрди чоғи унга таниш бир жаҳон:

Ойбек ишлаяпти! — деди бахтиёр
Ва азиз сиймога қилди ишора.
Қарайман: чиндан ҳам илҳом дарди ёр
Вужуди ўз қалби сочган зиёда.

Мен ҳар калимани термоқ бўламан,
Салмоқли бўёқли, сиёқли бари.
Камёб шоҳидликдан бахтга тўламан,
Онгда туғилишин янги асарнинг.

Водий кесиб чиққан осмон ранг дарё
Сомон йўли каби ястанди йўлда.
Унда қуёш ёнар нақ гўзал рўё,
Парча-парча олтин ҳар оч тўлқинда.

Яқинлашган сайин қамашади кўз,
Яқинлашган сайин салқин олар тан.
Яқинлашган сайин ҳар зарра-юлдуз
Тўзонин кўтарар бу ойна сатҳдан.

— Зарафшон! — Онани, ё севгисини
Нохос учрагандай адиб беҳад шод.
Учқур машинанинг тортмай тизгинин
Боладай сакрайди тоғдай улкан зот...

Зарафшон! Эй она тупроққа кўкрак,
Шоҳу гадога тенг кўксини очган,
Тупроқ тириклиги, инсон тўқлиги,
Водий гўзаллиги бўлиб зар сочган.

Мен сени қўшиққа солмоғим маҳол,
Умринг, кучинг, кўркинг, меҳрингни бу он.
Ўзингдай абадий, гўзал, баркамол
Куйлаган-ку сени Ҳамид Олимжон!

Ойбек соҳилингда турар чинордай
Барча улканлигинг завқли нигоҳда.
Бир сўнгсиз карвонга тизилган нордай,
Толларинг таъзимда турар қирғоқда.

Бу икки қаламнинг санъатига лол,
Ёзганларин қайта-қайта ўқирман.
Қалбимни қийнаган, эркалаган ҳол,
Айтмасам бўлмасин мен ҳам тўқирман!

Адиб истаги-ла тўхтаймиз. Бирдан
Ер, қуёш, сув, ҳаво бизни қучади,
Дарё қўшиғидан, ел шивиридан
Тандан йўл ҳордиғи тундай кўчади.

Шоир соҳидда тик.
Кенг кўксин керар,
Табиатдан яйраб ичади ҳаво,
Хаёлин забт этар мунис сеҳргар
Сувдан келаётган фусункор садо.

Шоир соҳилда тик. Дарё нур ичра,
Баҳор тошмоқ бўлар қирғокдаридан.
Оқиндан тўлдириб қўшоқ ҳовучда
Тўйиб сув шимирар бармоқларидан —

Тоғликдан тушгандай тўкилади сув,
Ола чалпоқ нурда гавҳардай ёниб,
Кенг пешана, юзга ёйилар кулгу,
Гўё илҳом ичди ҳаётдан қониб.

Дарё ўз куйчисин тўлқин қўйнига
Олиб кетмоқ бўлиб жўшқин оқади.
Куйчи мафтун турар сув ўйинига,
Мағрур акси ундан бизга боқади.

«Ичинг! — дейди менга ўрнини бериб, —
Ҳар дарё сувининг ўз баҳраси бор!»
Ҳозир устоз турган соҳилда туриб,
Гўё имтиҳондан ўтмоғим даркор.

«Ичинг! — дейди. Мен ҳам нам қирғоқ узра,
Меҳробга киргандай аста тушаман.
Синчков нигоҳидан қимтиниб зўрға
Қўш ҳовучда шаффоф баҳра ичаман.

«— Яхши, яхши!» — дейди такрор ва такрор,
Гўё сув ичмадим, гўзал шеър битдим.
Гўё ўзи каби эзгуликка ёр,
Гўё шогирдликнинг мактабин ўтдим.

Шодман: Адиб билан бир сув, бир тупроқ,
Бир элга фарзандлик ортдилар фахрим,
Шодман: кезиб, сезиб сероб ва чанқоқ
Яратишнинг дарди, бахтидир маҳрим.

Яна йўл! Орқада қолди Бухоро...
Наҳот адиб билан келмоқда шаҳар?
Наҳот фикри қалъа, қасрлар аро,
Низолар, курашлар маънисин чақар?

Ё мағлуб амирнинг олтин қалқони,
Ўта олчоқ қалбин кўриб турибди?
Занжир узган қўллар, қурбонлар қони,
Нақ ўз томирида уриб турибди?..

Кўрдим, кураш, қирғин ва мушкул зафар,
Мардин, шоҳидларин ахтариб топти,
Қанча дўстлар уйда кутганда махтал,
Унинг кўзларида оппоқ тонг отди.

Ҳикоя тинглади, музейлар кезди,
Кирди минг-минг ҳаёт, тақдир йўлига.
Шаҳар қалбин очиб:
— Ўқиб ол, — деди,
Берди ҳеч тушмаган қаламин қўлга.

У тинмай ишлади. Қари-қартангдан
Толмади неча кун ҳикоя тинглаб.
Ҳозир чиққан каби ўзи зўр жангдан,
Юзда йиллар изи — терда бўлди ғарқ.

Нақ кўзим олдида ўша қиёфа:
Ўкинч, изтиробли, заҳматкаш кўзлар
Хит эди сўзлолмай, Нигоҳи ёна —
Ёна менга аччиқ ҳақиқат сўзлар:

— Булар сўзлаб берган ҳар бир ҳикоя,
Ўзи шундоққина олтиндай китоб.
Бунда ҳар не тубсиз ва бениҳоя
Жафо ҳам, даҳо ҳам, орзу, изтироб.

Ақлу заковати жаҳонни тутган,
Абу Али Сино, Маҳмуд Торобий
Ва қанча даҳолар шу ерда ўтган!
Ҳали очилмаган тарихнинг боби —

Озми бунда? Ахир, нега ёзмаймиз,
Халқига кўтариб чиқмайди қалам?
Ўтмиш карвонида сочиқ дуримиз.
Териб, наҳот, дилдан бағишлаб малҳам —

Қайта порлатувчи истеъдодлар кам?
Жуда кўп, Зуҳродай ёрқин истеъдод,
Юртим насри, назми тоза кўкида.
Ўтажак умрдан тиламай имдод
Ёзиш керак ёниб ижод ўтида!

Кўрдим: фикрлашдан ёрилгудай бош,
Унут папиросни улаб чекканин.
Мовий тутун ичра мунис, кўмакдош
Хотини дафтарга хатлар чекканин.

Ҳориб, чарчаб, сайрга чиқса Бухоро
Оқ нурлар тўшади минг-минг чироғдан,
Гумбазлар, минорлар, қалъалар гўё
Афсонавий юртдай боқди йироқдан.

Олдида навқирон кучли йигитдай
Шодлик тирсиллаган бугунги ҳаёт,
Офтобга маҳлиё карвон булутдай
Оппоқ юксак уйлар!
Мисли оқ қанот.

Ёйилган ойнабанд улкан бинолар:
Янги институт, янги фабрика,
Янги меҳмонхона, янги кинолар,
Янги такдирлилар абадийликка
Олиб кирган ҳусн, янги жилолар.

Янги бахт, орзу-ла яшнаб, яшариб
Яна шуҳрат сочар мағрур Бухоро.
Янги авлод ўтмиш чангини артиб
Ҳамон яширин ётган қатламлар аро.

Аждод даҳосини излашдан толмай,
Суяб, тиклаб, севиб қилади ардоқ...
Адиб боқар: кўкда юлдуз нақ олмос,
Ерда — кундузлар ҳам сўнмовчи чироқ.

Ерда... яна қанча томир ёйилиб
Инсон учун ишлаб уриб турибди.
Ўзбек юрагининг оташин олиб,
Ким ҳозир қайларга кириб турибди.

Ўлкамизнинг янги алломалари,
Бухорода очган ўзбек газимиз,
Бизга келган ҳурлик, толе йўллари
Билан борар дўстга нақ дил сўзимиз...

Кеча ва бугунни бирдайин қучиб,
Тонгга юрар уйғоқ Бухоро туни,
Машиналар кўча-кўйларинг ювиб
Кундузга келиндай узатар уни...

Йўл давом этади. Адиб юзида
Қуёш чеҳрасидан ажиб рўшнолик.
Ортида ўлтириб йирик кўзида
Илҳом чақмоғини мумкин кўрмоқлик.

Тарих жароҳати, халқнинг офати
Йиқиқ салтанатнинг ғиштин ирғитиб,
Шаҳид, қурбонларнинг унут қоматин
Суяб олиб, қутлуғ қонларин артиб,
Бир роман ёзмоқчи!
Онгда ниш олиб,
Биз-чун янги асар топмоқда камол.
Дилга шунча довул, курашни олиб
Филдай тинч ўлтириш эмасми малол?

Бутун умр шундай, ярим аср шу,
Яратиш дардидан олдими ҳордиқ?
Ҳакимлар қўриқлаб, унутди уйқу,
Лекин у тиниқ ўй, қаламга содиқ.

Шундай салобатда, шу саодатда.
Шундай камолотда кечирди умр.
Не ёзди: бахтданми ё жаҳолатдан,
Барини ёритди қалбидаги нур.

НАВОИЙ ЮРАГИ УРИБ ТУРИБДИ

Чўли Малик кўксин кесиб тушган йўл,
Рўёдан бир янги дунёга чорлар.
Бугунги фикр, ижод, Меҳнат номли қўл
Бўлиб нақ кафтида кўтармиш шаҳар.

Навоий шаҳри бу! Мудом ёш, нурли,
Бемисол, бетахлит шеър даҳосидай
Ўхшаши йўқ бу кўрк эркалаб кўзни,
Адиб асабини дўл шарросидай.

Савалади минг хил туйғулар, ҳислар,
Босиб ўтди дунё хотира бирдан.
Гўё Навоий ҳам одимин тезлаб
Ҳузурига шоптди мезбонлар билан.

Навоий байтма-байт ўтиб беш аср.
Юрар казо-казо ишчилар аро.
Ҳар уй дафтарида, ҳар куни минг бир
Тилда номи такрор оддий фуқаро.

Бу нурли, бу яхлит янги қасрда
Хоқон ҳам, вазир ҳам, фуқаро ҳам эл,
Халқи ижод этган янги асрда
Инсон тақдиридай гуллаб кетди ер.

Шаҳар ёқиб адиб кезди пиёда,
Икки қўл орқада, одимлар тетик.
Қуёш, шаббодага мўл ҳар бинода,
Ёшлик ва бахт ўзи уй хўжасидек
Чорлайди шоирнинг серзавқ нигоҳин.
Дейди:
«Замон ёзмиш азим, шаън достон,
Қадим санъатимиз ўчмас буёғи
Янги камол, жилва касб этмиш чунон.

Ҳар биноси бир халқ келинчагидай,
Бетакрор зеб билан дидинг этар хуш,
Анов кўкнинг мўъжаз беланчагидай
Шўх бино болалар боғчаси эмиш!»

Сўзлайди, кўради шоир вақти чоғ,
Кенг йўлларга уқа сонсиз ёш чинор.
Шаҳар этагида дала, дара, тоғ,
Оқ ўт билан ёнар чўққисида қор.

Адиб атрофига боқару тўймас:
Ўнгда яшилланиб ўсар ниҳол боғ,
Чойхона, сувхона, гулхона — хуллас,
Қуёшдан қочганга мазгил ҳамма ёғ.

Кўсак шаклидаги биллур фаввора,
Ёмғирида ўйнар болалар ғужғон.
Қай гигант комбинат, қай фабрикада
Не неъмат яралур худди бу замон.

Бориб кўролмади. Лекин қудратин,
Савлатин, давлатин сезиб турибди.
Қайтарканмиз дейди ўзича секин:
«Навоий юраги уриб турибди...

Санъатли, меҳрли, кучли одамлар
Чўлдан юлиб қурмиш жаннатдай макон
Ва яшар меҳнатда ва саодатда
Муносиб ўз улуғ номига инсон...»

ДАРЁДАЙ УЙҒОҚ

Йўл!
Бу тиним билмас сайёҳ Қаршини,
Толимаржон ГЭСин зарур кўрмоғи.
Ахир буюк мардлик, меҳнат-ла даштни
Ҳаётга олмоқда шонлик авлоди...
Кездириб, кўрсатиб, сўзлаб бердилар,
«Чарчамасин» дея жонимиз ҳалак.
Каналлар ўтказиб, шаҳар қурганлар,
Ҳар бири унга бир жаҳон очгандак.
Ҳайрат, ҳаяжонлар қалбини қучиб
Тинглайди, кўзида илҳом ёниши.
Қучгандай истиқбол режадан кўчиб,
Тезлашар қон, онгда адиб юмуши.
—   Домла, эди бизда сизнинг ихтиёр! —
Дейди мезбон. —
Иш бас, оласиз ором.
Бир ерга борамиз!
«Яна ҳойнаҳой
Серҳашам хонада минг турли таом...»
Мезмон соҳибимиз сезгир, аллома,
Даштни ўзлаштириш ишларига бош:
—   Ҳар ГЭСнинг тарихи ўзи жангнома,
Қураётир қардош халқлар елкадош.
Сиздай мавлонолар қаламга олиб,
Бу куннинг нафасин қолдирса мерос,
Тенгсиз бу мардликни қонларга солиб
Ёшларда аждодга оширса ихлос.
Сергап бўлиб кетдим, узр! Марҳамат,
Машинага чиқинг, узоқмас манзил...
Ё раб,
Кенглик билан тиллашиш одат
Булар «узоқмас»и қаерда ахир?
Обдан мўл йўл босиб қўш машинамиз,
Икки қўнғиз каби қўнди дарага.
Қафасдан чиққандай яйраб кетамиз,
Гўзаллик ва ором сингиб танага.
Ўзбек тупроғининг бир кафт ям-яшил
Бепоён кенглиги ипак тўлқинда.
Денгизда сузувчи бир қайиқ шакл
Мазгил тайёрлашган мезбонлар бунда.
Оқ кигиз, серқавиқ гудлрр кўрпача,
Ёстиққа ёнбошлаб чўзилди меҳмон.
Чарчоқ ажин бўлиб ўраган кўзда
Бепоён, беғубор, безавол осмон.
—   Гапиринг, гапиринг! — доно ҳамроҳга
Юзланиб ҳикоя кутади меҳмон.
—   Домла, мен ҳам мафтун бу оромгоҳга,
Нутқни директор ўртоққа бериб.
Сиз шарофат мен ҳам бўламан воқиф
Машҳур совхозлари сир-асроридан!
Директор ўртоққа бу ҳазил ёқиб
Табассум-ла бизга боқади зимдан:
—   Нутқ бўлса қочмас, таом мунтазир,
Эрталабдан буён йўлда кўзимиз, —
Синдириб офтобдай иссиқ нон, патир,
Шопириб-шопириб қуяди қимиз.
Йўл-йўл дастурхонда яхна гўшт, асал,
Қурт, ровоч, хилма-хил узум, бўғирсоқ...
На йўл ҳордиғидан, на дарддан асар,
Ҳар неъматдан тотар шоир кўнгли чоғ.
Тинглаб, узоқларда қўйлар маърашин,
Нордон ровоч чайнар юзи буришиб.
Танлаб нақ қамчидай серсув баррасин
Хотини ва мени қистайди, «Енг» деб:
—   Олинг, енг, бундай зўр даво йўқ табда!
—   Қайси дардга даво? — сўрайман кулиб.
Кутаман не жавоб бўлар адибдан.
—   Қоласиз ўн саккиз ёшли қиз бўлиб.
—   Агар ўн саккизга қайтсам, мабодо
Шу Саксон дарада қолиб кетардим —
Дедиму, қандайдир келгандай садо
Ўзим, нақ ўзимда уйғонди раддим.
Нима, кечирганим, кўрганим, севгим,
Дардим ва бахтимдан кетаман нари?
Ғўр, думбул фаслдан бошлайман йўлим,
Яшайман бутунлай бошқа сингари?
Йўқ, устоз, қайтмайман ўн саккиз ёшга,
Гарчанд шафақ яқин, шу ёшда қолай.
Адиб жимиб тўнар узоқ қуёшга,
Қимиздан олган кайф заррача қолмай.
Ноқулай жимликни кўтарар мезбон:
—   Олинглар, мана бу «қора жанжал»дан.
Шоир яна кайфга қайтгандай шу он
Дейди:
— Ўзбек халқи шоир азалдан.
Узум — «қора жанжал», юрак — кабутар.
Саҳро — Толлимаржон, қишлоғи — Водил.
Ҳаётни хаёл-ла безаб нақ заргар
Гўзаллик яратиб келар минг-минг йил.
Сиз бўлса шафақдан...
Қўйинг бу гапни!
Икки бармоқ билан олиб косани
Бир варакайга оқ сипқарди қимиз
Мен нозик қалбига солганим дардни.
Суғуриб олмоққа қолгандан ожиз,
Дейман:
—   Оқ симоб ранг булутдай силжиб,
Биз томонга келар қўйлар галаси.
Сой оқар банорас каби эшилиб,
Унда лов-лов ёнар лола даласи!
Сурувни нигоҳ-ла меҳмон тусмоллар:
— Қанча қўй совхозда? — Мезбонга боқар.
Директор сўзлайди.
Рақамлар,
Сонлар,
Қудрат, тўкинликнинг наҳрида оқар:
— Ўзбек қоракўли, биласиз, тилло,
Жаҳон бозорининг бўрки аталур.
Шоир дейди:
— Ҳа, шу тилло соҳиби
Бобо чўпон Ватан кўрки аталур.
У чўпонни чорланг, отамлашайлик:
Келбатига қаранг, қудратли бургут,
Қанча фидойилик ва ҳотамтойлик,
Виқор, ишонч ва бахт — худди она юрт.
Чўпон икки қўллаб кўришиб, шундоқ
Адиб қаршисига одоб-ла чўкди.
Суҳбат, қимизхўрлик, ширин хушчақчақ
Дамлар ҳамма дилни янгилаб ўтди.
Адиб тинглар, сўрар, куларди хушбахт,
Одам ҳам, тупроқ ҳам ўхшаб бахшига,
Унга шивирларди қўшиқ, табиат
Бағишларди тамом янги нашида.
Илҳом бўронида боқарди серзавқ:
Атроф ўтаётган кун шуъласида
Бутун ўзга кўркка кирганди бу вақт:
Мен тавсиридан ожиз латифалашган ранг.
Кўкат нафасида бокира жаранг
Бор эди дара-ю, ел нағмасида.
—   Тўхтатинг, — дер менга, — дамлар суръатин,
Сиз аёл, аёлга нелар тиз чўкмас?
Ёраб, бу беҳиштдай жойлар суратин
Ўрол Тансиқбоев чизмаса бўлмас! —
Илҳом савалаган тани салқин оғушда,
Илоҳий чиройдан борлиғида кайф:
—   Кўрмасам кирмасди ақалли тушга,
Уйқу ғафлатида ўтган умр хайф.
—   Домла, ўзингизга қилдингиз туҳмат,
Қачон ухладингиз?
Ўчириб чироқ.
Бир дам мизғиб олиш наҳотки ғафлат?
Дейди:
—   Яшаш керак дарёдай уйғоқ.
Саксон дара!
Яна саксон йил севиб,
Кезсам, билсам она ерни нақ деҳқон,
Кексалик ва дардни бир ёққа қўйиб,
Тўйиб-тўйиб ёзсам қолмасди армон...
Завкданми, афсусдан лаблари қуриб
Ичар кўклам бўйи анқиган қимиз,
Мезбонлар сийлашар минг таом қўйиб,
Ҳикоя тинглаймиз, шеър ўқиймиз биз.
Наздимда ҳамманинг танида баҳор,
Фақат инсонларга мушарраф ҳузур.
Адиб чеҳрасида мавж уриб наҳор
Қўзғалади бирдан, сўрайди узр:
Зиёфат-чун раҳмат!
Бу баҳри кабир,
Яшил тўлқинида сузиб қолайлик.
Унда эшак йўртиб борар бир кампир,
Бир нафас тўхтатиб гапга солайлик.
Булар бари билгич! —
Дейди-да илдам,
Бош яланг, тўш яланг тушади йўлга,
Сув кечаётгандай ташлайди қадам
Шоир ўз қалбига, қўр берар дилга.
Ортидан борамиз, қомати филдай,
Кўринар кенгликда яна улғайиб,
Кампирнинг ёнига бориб, ўғилдай,
Суҳбат бошлаганди қуюқ сўрашиб.
Кампир тетик, қотма, чайир жуссаси
Кизил мурсагини илиб тургандай.
Ёнида тўлмаган баҳор ғунчаси
Қизча — Ҳурилиқо сеҳрлангандай.
Кўзин узмай турар шоир юзидан,
«Ким эди бу яқин таниш, бузруквор?»
Фикрин қийнаганин уқиб кўзидан,
— Бу Ойбек домла-ку! — дейман сервиқор.
Кўзи офтоб чўккан чуқур чашмадай
Тиниқ учқун билан ёниб кетади.
Дўлти лабда кулгу соф карашмадай
Энтикиб шодлигин баён этади:
«Қутлуғ қон»,
«Навоий...
«Қизлар» достони...
Ҳаммасини ёзган домлами чиндан?
Нигоҳ-ла эркалаб Ҳурилиқони,
Адиб ўй суради ё ёзар зимдан.
Ҳурилиқо юзи, кулгичларида
Учқун сочажакдай қайнайди севинч,
Тим қора, қирқ кокил уч-учларида
Ача тақиб қўйган кўзмунчокдар зич.
«Ёмон кўздан асраб» бодраб туришар...
Ойбек домла завқдан кулади қотиб.
Қиз нақ ёзилажак қўшиққа ўхшар,
Келажакка кирар ой тонги отиб.
Улғайиб уфққа оқади офтоб,
Қайноқ пешонани ялар салқин ер,
Нигоҳ етганича дара-ку атроф
Яқинга ўхшамас булар борар ер.
Узр, — деди шоир — биз йўлдан қўйдик,
Ҳечқиси йўқ, болам.
Ҳозир қирқим пайт.
Биз ҳам уй ичи-ла қирқимда эдик.
Жўнадик, қилай деб бир қошиқ овқат.
Юринглар, бизга ҳам бўлинглар меҳмон.
Чўпонча қуртова қилиб берамиз. —
Қизча ҳам илтижо қилади чунон.
— Раҳмат! Ҳурилиқо, атай келамиз.
Раҳмат!
Она, энди сиз ишни қўйиб,
Жужуқларга сўзлаб ўлтиринг эртак!
Кампир кулар тишсиз оғзини юмиб,
Кўзлари милтиллар сўнувчи чўғдак...
Мана, кетиб борар қамти ёнма-ён,
Кеча ва эртадай ача, эвара.
«Кўрсам қандай экан қиз яшар замон,
Бизнинг кураш, меҳнат берур самара...»

ОЙБЕК ИШЛАЯПТИ

Афсус, Шаҳрисабзга етолмади у,
Пачкамар ҳавзаси кўрмоқ эди фарз.
На илож?
Эрта май.
Азим пойтахтда
Тепчиган шодликни кўрмаса бўлмас.
Билар, катта қутли уйи тўрида
Байрам дастурхони очилмас усиз,
Ойбек сулоласин уч бўғинида
Шодлик бошланмайди уни тавофсиз.
Сўнг ишга... нақ дарҳол тўхтовсиз ишга,
Қалбни ағдар-тўнтар қилди шодлик, дард.
Мияни пармалар , сиғмайди ичга,
Айтмоғи,
     битмоғи,
ўйламоғи шарт.
Дўстлар-ла хўшлашди, кўксида қўли.
— Раҳмат, раҳмат! — дейди. —
Хайр, боринглар!..
Азим Тошкентига чорлайди йўли.
Унга дўстлар тилар хайрли сафар.
Икки қўл орқада, одимлар вазмин,
Хиёл букчайгандай кўринди қадди.
Балки ёзилажак насрми, назм
Энг азиз юк бўлиб босиб турганди?
Адиб учди жуфтин қанотга олиб,
Қучди оғушига соф осмон қуёш...
Мен бирдан жунжикдим ҳувиллаб қолиб,
Кўзгамас, ҳалқумга қалқиб келди ёш.
Ёш!
Нега қалкди?
Нени сезди дил?
Қай машъумлик ялаб ўтди шодлигим?
Нега баҳор тўла қалбим кетди зил.
Кўрдимми олдинда йўлин озлигин?
На чарчашни билди.
На дарддан зорни,
Шунча йўлни ўтди завкда, меҳнатда
Бугун эрта учун бағишлаб жонни,
Яна солиб дилга неча замонни,
Юк, иш ортди, кирар ҳар бир муддатга.
Йўқ, йўқ, умрин ярми олдинда ҳали,
Арслон келбатида қудрат ва илҳом.
Дилдираган жонда қанча асари
Етилмоқда — бизга қилади инъом.
Дарду кексаликни бир ёққа қўйиб,
Тўйиб-тўйиб меҳнат қилмоқчи ҳали,
Ҳамма кечинмани қайтадан туйиб.
Қаламга шивирлаб бермоқчи ҳали.
Ахир тинмай кезиб, севиб улгурди...
Афсус!.. Улгурмади қоғозга тўкиб.
Тўкилмоққа тайёр юрагин дури
Наҳот қолаверди тубига чўкиб?
Йиқилди яна бир чўнг улкан чинор,
Адаб, маърифатнинг ёрқин қасрида.
Ҳали Ғафур Ғулом, Шайхзода, Қаҳҳор
Доғида дилимиз йиғлашда-ку зор.
Наҳот етим қолдик яна ўлим қасрида?
Ажал ҳасад каби болтасин урди,
Ҳаёт, хаёл қурган йўлини тўсиб,
Ношуд заиф бизлар термилиб турдик,
Кўзимизда машъал бораркан сўниб,
Тибнинг казо-казо кекса-ю ёши,
Жонига жонларин қилдилар пайванд,
Ўлим-ўлим экан, бераҳм тоши
Энг айёр жаллоддай унсиз берди панд.
У ҳатто ажал-ла қилмади талаш,
Аршидан қулади учқур илҳоми,
Гарчанд ҳаққи эди яшаш ва яшаш,
Гарчанд қалбда тиғиз умиди, коми.
Ҳеч қачон, ҳеч нарса талашмади у.
Ҳаёт неъматидан беҳад бахтиёр,
Қалб ундаган йўлдан адашмади у,
Бир дилни ранжитиб бермади озор.
Беозор йиқилди, кирди сукутга,
Мия, юрак, қонда абадий уйқу.
Қандай сиғди экан совуқ тобутга
Шунча теран, қайноқ хаёл ва туйғу?
Ётибди, яшариб, яна улғайиб,
Беҳад азиз неча соатли меҳмон.
Эвоҳ! Қалбдан узиб, куйиб, ўртаниб
Нечун топширилар тупроққа инсон?
Ўлим вужудига солган музлардан
Кулгандай ҳаётга демай алвидо,
Катта меҳнатдан сўнг бир дам мизғиган
Сингари безавол тинч эди сиймо.
Ёзилажак роман, айтилажак сўз
Жаранглаб боқарди доно манглайдан.
Фикр тиғизликдан таранглашган юз
Сўзловчи сукутни олди қайларда?..
Гўё давом этар, йўлда серпарвоз,
Ёрқинроқ порлайди тасвирларда ранг.
Гўё ҳамма ёқдан беради овоз
Ҳар китоб, ҳар мисра, ҳар сўз бир жаранг.
Давом этар йўлда адиб ҳаёти.
Йўл... йўл мўл, дарёдан кетган ирмоқдай
Ўғилларда, қизда пўлат қаноти,
«Бобожон»и дилин тутиб маёкдай
Неваралар бошлар шу йўлдан йўлни.
Буюк бу уйқуни этаркан ардоқ,
«Ойбек ишлаяпти!» дейди насллар...
Ўз кўркини кўриб тасвирларида
«Ойбек ишлаяпти!» дейди асрлар...
1970
 
Шарінинг ґзи она бґлган µамиша

Бир олимимизнинг маърузаларини тинглаб

Мен Сизга, ўқувчим,
На айтиб,
На-да кўрсатиб
Улгура олмадим Юртимни.
Асрлар гардини қалбим-ла сидириб
Узриму,
Ўзлигим, кўркимни,
Қадимнинг чақнатиб ўтини
Бу куннинг нурига тутмадим.
Бу умр абадий, дердиму
Қонимга пайвандлаб,
Яшаш боқий мулким, дея шошмадим,
Ёшликнинг журъати жўшқинин,
Абадий дедиму тошмадим...
Мана, ёш охирлаб кетаркан,
Неча не манзилга ён бериб ўтаркан,
Улгурмас бурчларим қийнайди,
Қолдиғи қалб чўғим етаркан,
Ёзмасам армоним битмайди.
Одамзот... яралиш...
Коинот битта-ю,
Ер узра
тузумлар,
такдирлар бир эмас.
Тафаккур қудуғин қазимоқ
Энг жозиб нияту
Табиат ва тарих
Ўзини ёзишдан,
камолатдан тинмас!
Ўқувчим!
Насллар, асри-ла ғурурли бекадай
Мен сизни етаклаб юрмадим уйма-уй,
Қай замон, қай дилдан гавҳардай
Тўкилиб яшаган латиф куй?
Гоҳ шоддик,
Гоҳ алам
Торларин чертганда эл қалбин,
Қаламни танимай қўшиқ,
Ё эртакдан яралган бир бўстон;
Наслимиз,
удуму
қадрни эслатиб,
Курашиб ва енгиб яшашда бу достон!
Ўқувчим!
Сизни мен эртакда,
Ё тушда бўлгандай
Илм-Урфон конига етаклаб кетайин,
Тафаккур,
зеҳним-ла фикр этиб,
Қадамим етганча
Ҳар бири бир ганжа қатламга элтайин...
Ҳали мен Сиз билан бормадим
Афросиёбга,
Боболар даҳосин қилиб намойиш,
Минг ўлим,
Минг зулм,
Минг тиғли қиличдан
Омон олиб чиққан халқим жавҳарин
Меҳр, ифтихор-ла бериб оройиш
Сизга ярақлатиб кўрсатолмадим...
Бу тупроқ уйимиз,
Бу дарё нонимиз,
Бу офтоб жонимиз,
Ва лекин бу қаср,
Бу сарой фахримиз!
Лекин Самарқандни ер юзин Сайқали
этолган
Меъморга қилмадик сиз билан биз таъзим!
Нетай, тарих узоқ,
Қатлари кўпроқ,
Аждодлар қалбига кира олмадим...
Асрлар чанглари ён бериб ўтган
Ноёб дил дурларин
Тера олмадим.
Кира олмадим...
Қачон шоирлар халқнинг
Закий қалбин тўкис этолмиш изҳор!..
Ғуруримга шоҳид:
Жаҳон назарин
Қамаштирган Хива,
Бухоролар бор!
Дуч келса адоват — янчиб беаёв!
Заковат, адолат
Иймон, диёнат
Қудратин ўзига муқаддас ялов —
Билган Соҳибқирон Темур,
Саркардалар бор!
Жилд-жилд жавоҳирин диллардан тўкиб,
Ўтиб кетганларнинг
Руҳига таъзим!
Аммо, шу чоғ жону жаҳдимда чўкиб,
Бир хижолат ётар инжитиб бағрим:
Хижолатни ювар фақат адолат!
« — Айтсам тилим куяр,
Айтмасам дилим» —
Бу сўз — на ўч,
на ғийбат!
йитмас ҳақиқат!
Сенга айтай ирфон сарвари Элим!
Биз қул бўлмаганмиз,
Муҳтарам олим!
Таҳқирларга кўмманг тарихимизни!
Узр,
бугун дард-ла тинглаб ҳар сўзингизни
Сафроққа айланди томиримда қон.
Йиллар қат, қаърига фикрингиз қаданг,
Топасиз ўтларда ёнмагич достон!
Шукур,
Шарқ шеърияти хазонсиз чаман,
Турфа гуллар яшнар атри гуркираб,
Назм бисотини дил-ла очаман,
Ардоғу ҳайратдан бармоқлар титраб.
Ўқийман, дийдамда севинч ёшларим,
Тубсиз хазинага кетаман шўнғиб,
Ва пок гўзалликдан қолиб ҳайратда
Мен ўтган йилларим ҳечдай кўриниб,
Виждоним сезаман дардли роҳатда!
Сиз дейсиз:
«Биз қуллар бўлганмиз,
Қул авлодимиз,
Ҳайвондек сотганлар,
Олганлар молдек!»
Бир нафас сайр этинг ўтмишга, олим!
О, юртдош,
Ёппаси қул,
Мутеъ бўлсак,
Тах-тах китобларни ёзиб кетган ким?
Илм каъбасига эътиқод билан,
Икир-чикирлардан кирайлик холис:
Фикр-тафаккурнинг тиғини чархлаб
Орқангиздан борай кадимга олис!
Ҳазрат Навоийдан сўранг сиз узр,
Дилингизни поклаб боғига киринг.
Даҳо, бир бўтам, деб қилса иноят
Бошингизни эгиб имдодда туринг!
Бобурнинг закоси Шаркдан йўл олиб
Ғарблилар қалбини иситмадими?
Улуғбек юлдузга сўнмас ўт солиб,
Жаҳоннинг ҳайратин забт этмадими?
Буларни биласиз,
Ғурур тан олса,
Ҳали ўй, қалбингиз етмаган жой кўп!
Бухоро,
Самарқанд ақлингиз олса,
Ҳофизга қолмайсиз бунча лол бўлиб!
Мен унга қилмайман зарра бўлсин ғаш,
Зеро, шаҳарларим кўчмагич қаср,
Шерознинг дилпараст,
Туркнинг париваш
Қизларини юртим мафтуни сеҳр —
Этиб олганидан халқимиз гўзал!
Қуёшимиз таҳқир доғин куйдирган,
Қулликмас,
Заковат эш бўлиб азал,
Санъати ўлмасга ҳайкал қўйдирган!
Сизни Зебунисо дардидан воқиф,
Нодирабегимга этай ошно!
Сиз номи шеър,
Шеъри қалбидан оқиб
Чиққан пок диллардан ўқинг чин вафо!
Ўзбек — ўзига бек!
деган унвонни
Яратганнинг ўзи қилган-ку ато!
Шаккоклик бўлмасми, бу суюк номни
Қуллар деб таҳқирлаш!
Хатодур, хато!
Бошга тож,
дийдалар узра нур билиб,
Дилда ардоғлаймиз меҳр-ғурурни,
Тарих шоҳид:
Неча замон,
асрлар,
Не кўзлардан асраб
Қолдик сурурни...
Сиз «авом»,
«мутеъ»,
«қул» деган сўзларнинг
Илдизига уринг виждондан теша.
Билинг:
Комил,
Фозил
Башар юлдузларига
Шарқнинг ўзи ОНА бўлган ҳамиша!
1993
 
Хотирам синиілари

Ҳуррият, келдингми — наҳотки келдинг,
Пинҳона соғиндим, пинҳона кутдим.
Ёмғирга бағрини тутган саҳродек —
Сенинг насимингга қалбимни тутдим.

Мана, қалб — бахту дард тўла денгазим,
Мавжлари шуҳратим, ҳижрон, ўкинчим.
Қўрқув калхатлари тегиб синдирган —
Ёдим синиқлари остда — чўкинди.

Ёдим синиқлари, қалқ, овоз берай,
Қалкди, юрагим, чида, бер бардош.
Қарагин титрокда — ҳаммаси жонли,
Қара, ҳаммасининг юзи қонталаш...

Бу онам — тангрининг бахтли онида
Айри ихлос билан яратгани чин.
Қароғида меҳр шаъмлари ёниқ —
Гуллаган ўрикдай ораста отин.

Кун тойиб, шуълалар кўчгач уфққа,
Сайроқи қушларнинг тинганда базми,
Онам дилимизни чорлаб қўшиққа,
Ним-ним сочар эди мумтозлар назмин.

Сўфи Оллоёрми, девона Машраб
Баёзларин ўпиб қўлга оларди.
Юмушми, ўйинми — барини ташлаб,
Сеҳрли оламга кириб борардик.

Рангу оҳангларни жонга қуйганда,
Шуълага тўларди бутун коинот.
Ўзимни сеҳрга асир туйганда,
Юракда ёзарди қўшиқ ўт қанот.

Янгамга эш бўлиб тикдим палагим,
Қоғоздан сир тутган сатримни тепчиб,
Гулларди палакда ширин тилагим —
Кўзимдан ёшликнинг нурларин ичиб.

Ҳовлимиз зийнати жамбил, райҳондай,
Отам таъбирича эдим бойчечак.
Ҳали биз сезмаган қора қиш аро
Наҳот, жонланмоқда ишқ отлиғ чечак...

Ва ҳадемай сездик бу қаҳрамонни,
Тиғдай тилларида ялай бошлади.
Қадами етганда ҳар хонадоннинг —
Қувончи бужмайиб, сўлий бошлади...

... Ака, кўзингазда оташ бор эди,
Ака, жонингизда қуёш бор эди,
Султонликка лойиқ келбат, лаёқат,
Сардорники янглиғ бардош бор эди.

Сизни-да қора тун олдилармикин,
Қўлингизга кишан солдилармикин,
Юкиниш, ялинчмас — ғурурни кўриб,
Ваҳший ғазабларда ёндилармикин?!

Ака, жоним акам — жондошим акам,
Олтмиш йил изимга қайтиб йиғлайин,
Бўғзимда тош бўлган йўкловларимни
«Оҳ»ларим эритар — айтиб йиғлайин.

Сингилни «меҳрдан бино» дейдилар,
Кўз ёшга етдими меҳримнинг кучи!
Гуноҳсиз, жонимнинг қотилларига
Ўқ қилиб отдимми нафратим, ўчим?

... Бунча чидам қайдан — пўлат, оловдан,
Метиндан яралган жонмиди отам...
Оташ оғушидан топиб бизга нон,
Ғамга ҳам чидамли бўларкан одам.

Онам қўлларида муштдай тугунчак,
Тош шаҳарни кезар авахта излаб,
Авахта нечадир, зор она неча,
Нечалар яшарди замонни «сиз»лаб.

Кекса кўзларида мўлдир ва мўлдир
Қотган кўз ёшларга боқардим ҳайрон.
Бу сокин жуссани кемирар не сир,
Не боис муттасил диллари вайрон...

Куни бўйи кезиб, букчайиб, толиб,
Кекса бағрин ерга бериб ётарди.
Биз ночор бир-бирига эзилиб боқиб,
Сукут денгазига оғир ботардик.

Онам, «сув бошидан лойқа» дердингаз,
Билмасдик бу гапда ҳақиқат зуҳур,
Муҳташам бинода сирли, яширин
Асл йигитларга қазиларди гўр.

Қолганда азоблар исканжасида,
Ота, бир кўрмадик кўзингазда ёш.
Яшаб умидларнинг пок саждасида,
Ҳатто ёвингазга отмадингаз тош.

Ва фақат дедингиз: «Солдим худога»,
Бу қирғин дояси худосизлар-ку.
... Сабр, қаноатдан яралган элим,
Сўқир ҳам ўзига сўқмоқ излар-ку!

Норғул ўғилларинг қирилди қушдай
Сибирнинг нур тушмас ўрмонларида.
Сен эса яшардинг мисоли тушда
Туртиниб ғофиллик туманларида.

Менми? Мен шу қадар ёш эдим ҳали.
Ёшлик — ғам — бегона бири-бирига.
Қутулмоққа андуҳ ботқоқларидан
Осилдим муҳаббат шодликларига.

Менми? Мен ишқ отлиғ бир жаҳон аро
Шеър тинглаб, шеър тизиб — шеърларда қолдим...
Беҳиштий жаранглар — жонимга оро —
Ўзимнинг бахтимда ўзим йўқолдим.

Бахт қасримга кириб мени топди дард,
Уруш, ёзда ёққан қор каби ўлим.
Ўттизга етмаёқ сочим қор ялаб,
Кўз ёшим сойига тўкилди гулим.

Онам, доноликда ягона онам,
Исён кўтаришдан бермабсиз сабоқ,
Устимга кетма-кет тоғ қулаган дам
Қолдим яшин урган полопон сиёқ.

Бўлди, бас! Жангдан сўнг ҳорғин саркарда
Тирик аскарларин тизгандай қатор —
Мен тирик ҳисларим бир жойга йиғдим
Ва кучли яшашга айладим қарор.

Юртни бўрон бўлиб кездим бош-оёқ,
Қабристонлар аро қуюндай юрдим,
Энг кичик гиёҳ ҳам наздимда уйғоқ,
Фақат эл-элатни сукутда кўрдим.

Тушларимда топиб акам жасадин,
Отамнинг ёнига қазитдим қабр.
Ўзим ёнганимда руҳлар ёнди деб
Хокига сув сепиб, тиладим сабр.

Такдир, тақдир дедим, яшадим узоқ,
Такдир пешонага ёзиқ дейишди.
Ёзиқни деворга урдим-у бироқ
Мен синдим, қонимдан ғиштлари пишди.

Алам. Ёмон алам кўзинг кўр бўлса,
Лекин сўқир диллик ундан-да даҳшат.
Халқ ганжин юлмоққа чўзилган қўлга
Биз алвон гулдаста тутибмиз фақат.

«Янги ҳаёт» дебмиз ўша кунларни,
Беталаб, бенолиш яшабмиз кўп йил.
Бир ўйлаб кўрмабмиз бу юрт ҳокимин
Лаби кулиб, нечун ранг-рўйи заҳил?!

Тожи йўқ подшодай сездими ўзин,
Шуъла ёйилмади букик дилида?
Қўлида зарра йўқ ихтиёр, изн,
Билдими йитарди ғурур элида?!

«Ватанпарвар» дебмиз ўз-ўзимизни,
Денгизлар қурибди, чирибди балиқ,
«Инсонсан, бошингни кўтар», демабди,
Кўнглинг қолганмиди бизлардан, холиқ?

Ўзинг бергандинг-ку, поклик, ҳалоллик,
Иймону ишончлар — бутун, беиллат,
Қилолмас эди-ку шайтон даллоллик,
Илму ҳикматларга ёр эди миллат.

... Эй гумбазигардун, қолдимми ғофил,
Ишонч, эътиқодлар чиқди пучларга?!
Суяниб нажотлар кутгандик, наҳот,
Бизга чоҳ қазиган қора кучларга?!

Ким билсин, савоб деб уринишлар ҳам,
Замона созига ўйинми бари.
Дейдилар: яратган энг улуғ ҳачам,
Ҳеч қачон адашмас тарозулари.

Қай бири вазминроқ савобми — гуноҳ,
Яшадим-ку риё, ҳаромдан нари.
Куйганман. Бош-оёқ куюк жисмимнинг —
Нимасин ёқарди дўзах ўтлари...

Бу дунёда кўрган азоб, кўз ёшлар
Савоб посангисин хиёл босарми?
Гумроҳлик палласин тўлдирса тошлар,
Энг баланд дорига мени осарми?

Ёшим кетиб-кетиб, тордай тарангман,
Капалак шарпаси тегса, узилур
Чидай-чидай юпқа тортган парангман,
Чўян бўлса ҳам дил — қулфи бузилур.

Лекин яшаяпман, отам ва онам
Чайир арқоқлардан тўқишган чоғи.
Айтилмаган алам, ёзилмаган шеър,
Олинмаган қасос — юрак титроғим.

Бошим — портловчи дуд тўлдирилган хум,
Портлашин кутардим сония сари.
Сабрлар тўкилди нақ кафтдаги қум —
Юзим руҳларида қонли излари...

Билмайман, савобми ё кони гуноҳ,
Зинҳор шаккокликка йўйманг тилагим.
Жасадим дарёга ташланг, руҳим пок,
Оби раҳматларда совусин таним...

... Яллиғланиб ётар кекса хотирам
Ичида шу дардлар, тиғли синиқлар...
... Ҳолбуки, нур ичра дала-ю дарам,
Ҳолбуки, боғимда булбул чаҳ-чаҳлар...

Ҳуррият, келдингми, наҳотки келдинг!
Келар йўлларингда пинҳона толдим.
Менинг ота-онам, жон Ватанимда,
Элим тақдирида абадий қолдинг...

Келдинг-ей, Истиқлол, истиқбол бўлиб,
Қалбимга насиминг билан йўл солдинг.
Сен шу ҳур назмга ихтиёр бериб,
Мен оғир булутдек бир ёғиб олдим...

Ҳуррият, келдинг-ей, ал-омон келдинг,
Сени қалбим, кўзим, сўзларим қучар.
Вақт етса шу халқда қолар дафтарим,
Вақт етса, бу ёқда қолар дардларим...

Руҳим у ёқларга қуш бўлиб учар...
1995
« So'nggi tahrir: 24 Mart 2014, 19:07:21 muallifi AbdulAziz »

 

Inson qalbi bilan hazillashmang Siz ...

Muallif KumushbibiBo'lim She'riyat

Javoblar: 8
Ko'rilgan: 9311
So'nggi javob 17 Iyun 2006, 12:08:41
muallifi Mohinur
Vijdon azobi... Biz bilan sirlashing...

Muallif Munira xonimBo'lim Oila va jamiyat

Javoblar: 64
Ko'rilgan: 22075
So'nggi javob 29 Iyul 2009, 06:18:31
muallifi siddiqa
Allohim, men bilan gaplash... (hikoya)

Muallif AbdulAzizBo'lim Jahon adabiyoti

Javoblar: 0
Ko'rilgan: 5511
So'nggi javob 10 Iyul 2006, 18:42:13
muallifi AbdulAziz
Abdulla Oripov. Saylanma

Muallif AbdulAzizBo'lim Zamonaviy o'zbek she'riyati

Javoblar: 309
Ko'rilgan: 80530
So'nggi javob 24 Fevral 2010, 08:19:31
muallifi AbdulAziz
Endi metroga faqat jeton bilan...

Muallif MargilanetsBo'lim Umumiy

Javoblar: 6
Ko'rilgan: 6193
So'nggi javob 01 Iyun 2008, 17:08:17
muallifi Furqat_Hasanovich