Sa'diy Sheroziy  ( 49640 marta o'qilgan) Chop etish

1 B


AbdulAziz  21 Dekabr 2008, 09:25:16

Sa'diy Sheroziy



Muallif: Sa'diy Sheroziy
Hajmi: 711 Kb
Fayl tipi: pdf, zip
Saqlab olish
Online o'qish

Qayd etilgan


AbdulAziz  09 Mart 2010, 09:06:04

Саъдий Шерозий

ҲИКМАТГА
ТЎЛА ОЛАМ


ҲАЁТ МУАЛЛИМИ

Машҳур форс-тожик шоири, адиби ва мутафаккири Муслиҳиддин Саъдий Шерозий номини эшитмаган, унинг жаҳон сўз санъати дурдоналари қаторидан ўрин олган «Бўстон» ва «Гулистон» асарларидан баҳраманд бўлмаган адабиёт мухлиси топилмаса керак. Шарқ халқлари орасида Шайх Саъдий номи билан шуҳрат қозонган бу донишманд инсон 1203 йили Шероз шаҳрида туғилган. Отаси Шероз отабеги Саъд бинни Зангийнинг мулозимларидан бўлган. Лекин у 10—11 ёшларида отадан етим қолади.
Сарой томонидан нафақа тайинланган бўлса-да, оиланинг моддий аҳволи оғир эди. Майда савдогарчилик билан шуғулланган акасининг ҳам бозори тезда касод бўлади. Шунга қарамай, билимга чанқоқ Муслиҳиддин бошланғич маълумотни туғилган шаҳри Шерозда олгач, таҳсилни давом эттириш учун халифалик пойтахти, ўша даврнинг энг йирик илм ва маданият маркази бўлган Бағдодга боради. Донгдор «Низомия» ва «Мустансирия» мадрасаларида калом, фиқҳ, тафсир илмлари, араб тили сарфу наҳфи, араб ва форс адабиёти, Шарқ фалсафаси, тарих, мантиқ, тиб хамда бошқа табиий ва аниқ фанларни ўрганади. Таниқли тасаввуф олими ва файласуф адиб Шаҳобиддин Суҳравардий ҳамда йирик илоҳиёт алломаси Абулфараж Абдураҳмон ибн Жавзий қўлида таҳсил олади.
XI асрда салжуқий султонлардан бир нечтасига вазирлик қилган машҳур давлат ва жамоат арбоби Низомулмулк асос солган «Ннзомия» мадрасаси 6 минг талабани ўз бағрига олса, «Мустансирия» кутубхонасида 70 минг жилддан ортиқ китоб бўлган. Бу икки улкан мадрасанинг мусулмон Шарқидаги нуфузини шундан ҳам билса бўлади. Талабалар орасида, айниқса, забардаст араб шоири Мутанаббий шеърларига қизиқиш кучли эди. Бу мутолаалар кейинчалик Саъдий ижодига кучли таъсир кўрсатди. У бу ердаги илмий-адабий давраларда фаол иштирок этиб, билимининг кенг ва чуқурлиги, далилларининг ўткир ва асослилиги, воизлик иқтидори туфайли ҳамманинг эътиборини ўзига жалб қилар ва баҳсу мунозараларда ҳамиша ғолиб чиқар эди.
Мадрасани тутатган Саъдий олган билимларини амалиётга қўллаш ўрнига, Шарқ мамлакатлари бўйлаб узоқ йиллик саёҳатга отланади. Буни икки сабаб билан асослаш мумкин: биринчиси шоирнинг саёҳатга ўчлиги, иккинчиси - мўғуллар тасарруфидаги улкан ҳудудда илму ижод учун осойишта шарт-шароитнинг йуқлиги. У гоҳ олим ва воиз, гоҳ сўфий ва дарвеш суратида Эрон, Арабистон, Кичик Осиё, Миср, Хуросон, Шарқий Туркистон каби мамлакатларни баъзида оту эшак, баъзан эса пойи пиёда кезиб чиқади. Бу саёҳатлар 20 йилдан ортиқ давом этган. Саёҳат даврида Саъдийга карвонни қароқчилардан ҳимоя қилиб, муҳорабага киришига ҳам, турли жойлардаги мадраса ва қозихоналарда ваъз ўқишига ҳам, шайху сўфийлар билан мубоҳаса қилишига ҳам тўғри келган. У Ҳиндистонда ҳам бўлиб, бир муддат бутхонада истиқомат қилган, салибчиларга асир тушиб, уларнинг қалъаларини тузатиш ишларида қатнашишга мажбур бўлган. Бу саёҳатлар давомнда Саъдий ҳаёт илмини чуқур ўрганиб, инсон феълини бутун мураккаблиги билан англаб, ўз даврининг кўпни кўрган донишманд кишиси бўлиб етишади. XIII асрнинг ўрталарида Шерозга қайтиб келган шоир дунё ташвишларидан ўзини четга олиб, шаҳар чеккасидаги шайх Абу Абдуллоҳ Ҳафиф хонақосида фақирона ҳаёт кечиради ва 1292 йили вафот этади. У дафн этилган боғ ва мақбара шеърият ихлосмандларининг зиёратгоҳларидан бири бўлиб, ундан кеча-кундуз шоир мухлисларининг қадами аримайди.
Барча машҳур кишилар каби Саъдий ҳаёти ҳам афсона ва ривоятларга кўмилиб кеттан. Чунончи, турли манбаларда шоирнинг Шарқ мамлакатлари бўйлаб саёҳати 20 йилдан 50 йилгача давом этгани нақл қилинади. Ёки у жуда узоқ 102, 108, ҳатто 120 йил умр кўргани айтилади. Гўё у ўз умрини уч қисмга тақсим қилиб, 30 йилини илм таҳсили, 30 йилини саёҳат, 30 йилини ижодга бағишлаган эмиш. (Баъзи манбаларда 30 ўрнига, 40 рақами тилга олинади.) Бу тахминларнинг барчаси Саъдийнинг таржимаи ҳоли ҳақида етарли маълумот сақланиб қолмаганлигидан. Шунинг учун ҳам шоир ижодининг тадқиқотчилари унинг таржимаи ҳолини асарлари асосида тиклашга ҳаракат қилганлар. Жумладан, «Бўстон» ва «Гулистон» асарларидаги баъзи ҳикоятлардан келиб чиқиб, унинг ёмон хотинга учрагани, ундан бир ўғил кўриб, Яманда бўлган вақтида ёлғиз жигарбанди ҳам вафот этгани хусусида маълумот беришади. Бу ҳақда «Гулистон»да шундай ҳикоят келтирилади:
«Дамашқдаги дўстларимнинг суҳбати жонимга тегиб, шаҳардан бош олиб, Қуддуси шариф биёбонига жўнадим-да, ҳайвонлар билан улфатлашиб, то фаранглар қўлига асир тушгунимча ўша ерда яшадим. Мени яҳудийлар билан бирга қўшиб, Тароблис хандақини қазишга олиб бориб ишлатдилар. Ҳалаблик сардорлардан бири мен билан ошна эди, ёнимиздан ўта туриб, мени таниб қолди-да, хитоб қилди: «Ие, бу қандай ҳол?» Мен унга: «Нима ҳам дейман?» деб жавоб бердим.
Аҳволимга ачиниб, ўн динор тўлаб, асирликдан халос этди ва ўзи билан Ҳалабга олиб кетди. У ерда юз динорлик қалин пули билан қизини менга никоҳлаб берди. Орадан сал вақт ўтгач билсам, қизи бадфеъл, шаллақи ва ўжар экан, тилини заҳар қилиб, жонимдан безор эта бошлади.
Охири бир кун башарамга тик боқиб, таъна-маломатлар билан деди: «Сен отам ўн динор баробарига фаранглардан халос этган одам эмасмисан?» Мен жавоб бердим: «Ҳа, отанг ўн динор баробарига фаранглардан озод этиб, юз динор баробарига чангалингга топширган одам мен бўламан!»
«Бўстон»нинг шоир ҳаёти тафсилотларига бағишланган қисмида эса қуйидаги ишорага дуч келамиз:

Ба Санъодурам, тифле андар гузашт,
Чи гўям к-аз онам, чи бар сар гузашт..

Мазмуни: «Санъода мусофирлигимда болам дунёдан ўтди. Бошимдан кечган ҳодисаларнинг қайси бирини айтай?»
Мўғуллар истилосидан ташқари, Европа мамлакатларининг Шарққа уюштирган салиб юришлари ҳам Саъдий даврига тўғри келади. Бу ҳодисалар шоир яшаган замоннинг қанчалик мураккаб ва оғир бўлганлигини кўрсатади. Унинг саёҳатлари чўзилиши, хусусан, Арабистонда кўпроқ қолиб кетиши ўз юртидаги ҳудди шу нотинчлик, илму ижод учун шарт-шароитнинг йўқлигидан бўлса керак.
Форс тожик адабиётида Саъдийнинг мақоми жуда юксак. Хусусан, бой ҳаётий тажриба асосида яратган «Бўстон» (1257) ва «Гулистон» (1258) асарлари унга оламшумул шуҳрат келтирди.
«Бўстон» ўн қисмдан иборат бўлиб, унинг таркибий тузилиши қуйидагича: ҳамд; наът; китобнинг ёзилиш сабаби; Абу Бакр бин Саъд бин Зангий мадҳи; Саъд бин Абу Бакр бин Саъд мадҳи; биринчи боб — одиллигу тадбиру андиша зикрида; иккинчи боб — эҳсон зикрида; учинчи боб — ишқу ошиқлигу мастлик зикрида: тўртинчи боб — тавозеъ зикрида; бешинчи боб — ризо зикрида; олтинчи боб - қаноат зикрида; еттинчи боб   тарбият олами зикрида; саккизинчи боб — шукру омонлик зикрида; тўққизинчи боб — тавба ва савоб йўли зикрида; ўнинчи боб — муножот ва китоб хотимаси зикрида.
«Бўстон» китобийликдан узоқ бўлиб, у бевосита қайноқ ижтимоий-сиёсий ҳаётдан, жонли халқ тилидан сув ичган, озиқланган ва шунинг учун ҳам жамиятнинг ҳамма табақаларига тушунарли бўлган» (А.Ҳайитметов).
«Гулистон» саккиз бобдан иборат бўлиб, унинг таркибий тузилиши қуйидагича: дебоча; биринчи боб - подшоҳлар сийрати зикрида: иккинчи боб — дарвешлар ахлоқи зикрида; учинчи боб — қаноат фазилати зикрида; тўртинчи боб сукут сақлашнинг фойдалари зикрида; бешинчи боб — ишқ ва ёшлик зикрида; олтинчи боб — қарилик ва заифлик зикрида; еттинчи боб - тарбият таъсири зикрида; саккизинчи боб — суҳбат одоби зикрида.
«Гулистон» — форс-тожик дидактик адабиётининг чўққиси ҳисоблаиади. У «панду насиҳат ва одоб-ахлоқ китоби сифатида шуҳрат қозонган... Умрининг кўп қисмини саёҳатларда ўтказган, кўп халқлар, миллату элатлар ҳаётини кузатган, турли табақа кишилари билан мулоқотда бўлган Саъдий кўрган-кечирганларини, ҳаётий тажрибасини умумлаштириб, уларни юксак бадиий шаклда, қисқа-қисқа, аммо ғоят ширали, таъсирчан мусажжаъ насрий жумлалар ва шеърий байтлар билан зийнатлаб, ўзига хос ҳикоятлар тўпламини яратган. Уларда донишманд бир ҳаким инсоннинг заковати, насиҳатлари ҳам, енгил ҳазил-мутойиба, лутфу нуктадонлиги ҳам, ҳис-туйғуларга лиммо-лим шоирона маҳорати ҳам мужассам. Шу сабабли ҳар хил тоифадаги, турли табъли одамлар «Гулистон»дан баҳра ола биладилар» (Н.Комилов).
Саъдийни ғазал жанрининг кашшофи ва устоди сифатида ҳам улуғлашади, чунки унгача форсий шеьриятнинг етакчи жанрлари қасида, достон, маснавий, қитъа ва рубоий эди. Рудакий, Саноий, Хоқоний, Жамодиддин ва Камолиддин Исфаҳонийлар кўплаб ғазаллар ёзган бўлсалар-да, улар қасида ва қитъа характерига эга бўлиб, ўзаро мустақил алоҳида байтлардан ғазал яратиш анъанасини Саъдий бошлаб берди. У ғазалчиликдаги ўзигача олиб борилган изланиш ва тажрибаларни ривожлантириб, ғазални такомилга етказди, кейин Хусрав Деҳлавий, Ҳасан Деҳлавий, Хожу Кирмоний каби забардаст шоирлар уни янада тараққий эттириб, Ҳофиз Шерозийга етказдилар, Ҳофиз эса уни юксак чўққига олиб чиқди. Саъдий ғазаллари 4 девондан иборат бўлиб, улар «Таййибот» («Латиф ғазаллар»). «Бадоеъ» («Янги ғазаллар»), «Хавотим» («Хотима ғазаллар») ва «Ғазалиёти қадим») («Эски ғазаллар»)дан иборат.
Саъдий икки тилда ёзиладиган шеър тури — муламмаъ (ширу шакар)нинг ҳам асосчиси ҳисобланади. Араб тилини яхши билганлигидан у арабча мисра ва байтларни форсий билан уйғунлаштириб, ушбу шаклни ихтиро қилган. Кейинчалик форсий-туркий ибора ва мисралар воситасида ширу шакар ёзиш анъанаси пайдо бўлди.
Саъдий таржеьбанд жанрини ҳам ривожлантириб, баланд пояга кўтарди. Ундан кейин ўтган шоирлар, ҳатто Ҳофиз ва Жомий каби шеър устодлари ҳам бу борада унга эргашдилар.
Саъдий форс-тожик бадиий насрининг ҳам асосчиси ҳисобланади. Унгача фақат мактублар, ҳужжатлар, илмий ва тасаввуфий асарлар, адабий характердаги тарихий лавҳаларгина насрда ёзилган. Бундан ташқари, шоирнинг ҳаёт ва инсон ҳақидаги фикрларининг қаймоғини ўзида жамлаган «Соҳибия» асари, арабча ва форсча қасидалари, қитьа, рубоий ва фардлари ҳам машҳур.
Саъдий Шерозийнинг Эронда Муҳаммадали Фурўғий томонидан тартиб берилган куллиётп 18 қисмдаи иборат: 1. Гулистон. 2. Бўстон. 3. Ғазалиёт (Ғазаллар). 4. Таржеъот (Таржеъбандлар). 5. Қитъаот (Қитъалар). 6. Рубоиёт (Рубоийлар). 7. Мулҳақот (Пайваста шеърлар). 8. Муфрадот (Фардлар). 9. Мавоиз (Панд-наснҳатлар). 10. Маросий (Марсиялар). 11. Қасоиди арабий (Арабча қасидалар). 12. Ғазалиёти муштамил бар панду насиҳат (Панд-наcиҳат мавзуидаги ғазаллар). 13. Мусалласот (Мусалласлар - ҳар банди уч мисрадаи иборат шеьр тури: дастлабки икки мисраси ўзаро қофиядош бўлиб, учинчи мисра кейинги бандларнинг охирги мисраси билан ҳамқофия бўлади). 14. Қитъаот. 15. Рубоиёт дар ахлоқу мавъиза (Ахлоқ ва панд-насиҳат мавзуидаги рубоийлар). 16. Маснавиёт (Маснавийлар). 17. Муфрадот. 18. Расойили наср (Насрий рисолалар).
Саъдийга қадар алифбо асосида девон тартиб бериш анъанаси бўлмаган. Саъдий ҳам девонини алифбо асосида тартибга солмаган. Бу ишни шоир вафотидан кейин 1326 йили Бесутун тахаллусли Али бинни Аҳмад ибни Абу Бакр деган киши амалга оширган. Шундан сўнг барча шоирлар шеърларини уларнинг охирги ҳарфи бўйича тартибга сола бошладилар.
Бир умр халқ ичида яшагани, ҳаётнинг бутун аччиқ-чучугини тотгани учун ҳам Саъдий асарлари бошқа Шарқ шоирлариникидан ҳайратланарли даражада ҳаётийлиги билан алоҳида ажралиб туради. Уни Шарқ адабиётшунослари вуқуьгўй, яъни ҳаётни бор бўйича тасвирлайдиган адиб дейишади. Ҳозирги термин билан ифодалаганда, бу реалист ёзувчи дегани бўлади. «Бўстон» ва «Гулистон» ҳаётий ҳикоятлардан ташкил топгани, донишманд шоирнинг бу ҳикоятлар сўнгида қиссадан ҳисса тарзида келтирган шеьрлари реал турмушдан чиқарилган хулосалар эканлиги билан ҳам жаҳон илму адаб аҳлини бирдай ўзига тортиб келмоқда.
«Гулистон»га эргашиб кўплаб асарлар ёзилган, лекин улардан фақат 3 таси: Абдураҳмон Жомийнинг «Баҳористон»и, Мажиддин Хофийпинг «Хористон»и, Ҳабиб Қоонийнинг «Паришон»и шуҳрат қозонган.
Саъдий ҳам китоблар, ҳам одамлардан бир умр таълим олди — Шарқ мамлакатлари бўйлаб узоқ йиллик саёҳатлари уни дунёда кўпни кўрган, катта ҳаётий тажриба тўплаган, ўз даврининг барча илмларини эгаллаган донишманд кишига айлантирди. Бу ҳақда унинг ўзи «Бўстон»нинг муқаддимасида ёзади:

Дар яқсон олам бигаштам басе,
Басар бурдам айём бо ҳар касе.
Таматтўь ба ҳар гўшае ёфтам,
Зи ҳар хирмане хўшае ёфтам.

Мазмуни: «Дунёнинг энг чекка жойларигача сафар қилдим, турли тоифадаги одамлар билан ҳамсуҳбат бўлдим. Ҳар гўшадан бир манфаат топдим, ҳар хирмондан бир бошоқ олдим».
XIX асрда яшаган таниқли турк танқидчиси Зиёпошо «Харобот» асарида Фирдавсий ва Саъдийни ўзаро қиёслаб, жумладан шундай деган эди:
«... Фирдавсий «Шоҳнома»ни вужудга келтириш учун ўттиз йил машаққат тортди. Ҳақиқатан ҳам, ўлмас бир асар яратди. Қуёш чиқишини бир юз йигирма ерда бир-бирига ўхшамайдиган бир юз йигирма хил ранг билан тасвир қилган. Аммо шунга қарамасдан, «Шоҳнома» оммага Саъдийнинг «Бўстон»и берган фойдани бера олмайди. Саъдий «Бўстон»да дунёни, яшаб турган дунёни тасвирлаган. Агар бадиий ижоддан мақсад оммага фойда етказиш бўлса, «Бўстон»нинг ҳар бир сўзи топилмас бир дур, — бир гавҳардир ва ҳар бир байти бир хазина».
Шу тариқа, у бадиий асар тўғрисида оммага манфаати тегиши ва ифода тарзининг очиқлиги нуқтаи назаридан муҳокама юритиб, Саъдийни форс-тожик мумтоз шоирларингшг барчасидан афзал қўяди.
Садриддин Айний ҳам Саъдийнинг «асарларидан ақлга сиғмайдиган, ўхшаши тириклик оламида бўлмаган ёки бўлиб ўтмаган бирор нарсани тополмайсиз», — деб лутф этган эди. У шоир ижодини текшириш давомида: «Саъдий, шубҳасиз, форс-тожик классик адабиётининг жуда улуғ сиймоларидан бўлиб, бундақаси бўлмаган», — деган хулосага келади. Дарҳақиқат, мумтоз форс-тожик адабиётида бирор-бир адиб ижоди Саъдий асарларичалик ҳаётийлиги билан ажралиб турмайди. У илҳомни, мавзуни, мазмунни, сўз ва образли ибораларни халқдан олиб, халққа қайтарди. Шоир асарларинипг халқчил асоси шунда.
Абдураҳмон Жомий «Баҳористон» асарида эътироф этишича, Саъдийнинг «сўзлари ҳамма тоифаларга маъқул тушди. Унинг ҳақида бир шоир қуйидаги мисраларни ёзмиш ва ҳақиқатан инсоф гавҳарини тизмиш:

Шеър оламида пайғамбар учта.
Гарчандки, «ло набия баъдий».
Достону қасидаю ғазалда
Фирдавсию Анварию Саъдий».

Эрон адабиётшуноси Али Даштий шундай лутф этади:
«Саъдий китоби тоабад форс тилининг ўлчови бўлиб қолади: ҳар сўзки, унга тўғри келса — тўғри, ҳар сўзки, унга тўғри келмаса нотўғридир».
Саъдийшунос Муҳаммадали Фурўийнинг ёзишича: «... форс адабиёти тўрт устунга суянади, булар — Фирдавсий «Шоҳнома»си, Шайх Саъдий «Куллиёт»и, Мавлавий «Маснавий»си ва Хожа Ҳофиз «Девон»и».
Саъдий ўзидан кейинги форс тожик адабиётига энг кучли таьсир кўрсатган забардаст сўз санъаткоридир. «Умуман, бутун Шарқда Саьдий номи жуда кўп тилга олиниб туради. Шоирлар, файласуфлар ва олимларгина эмас, оддий халқ намояндалари ҳам ўз фикрларининг тўғрилигини исботлаш учун бу сўз устодинннг ажойиб асарларидан далил келтирадилар. Доно шоирнинг пурҳикмат жумлалари саккиз асрдан бери мажлисларга, кишилар нутқига оро бериб, онгига таъсир кўрсатиб келмоқда» (Ш.Шомуҳамедов).
Халқ ҳаётини яхши билган Саъдий кўплаб халқ мақол-маталлари, образли ибораларини асарларига олиб киради. Ўз навбатида, бу донишманд инсоннинг ўзи ҳам кўплаб ҳикматлар ижод этганки, улар халқ оғзаки ижоди таркибига сингиб кетган: улардан қайси бири халққа тегишли-ю, қайси бири Саъдийдан ўзлаштирилганлигини ажратиб бўлмайди:

Кимки бефойда умрин ўтказди,
Ҳеч нарса олмасдан олтин кетказди.

Севинма душманим олмиш деб ажал,
Бир куни сенга ҳам гал келади, гал.

Бирлашса чумоли иттифоқ бўлиб,
Арслон териеини олажак шилиб.
(Ш. Шомуҳамедов таржималари)

Саъдийни ҳаёт муаллими дейдилар. Чунки шоирнинг панду насиҳатлари, мақол ва ҳикматга айланиб кетган чуқур мазмунли фикрлари, фалсафий хулосалари ҳаётий: у дунё кезиб, ҳаётни ҳар томонлама ўрганиб, инсон умрининг моҳияти, феъл-атворининг турфа қирраларини узоқ йиллар мобайнида теран нигоҳ билан кузатиб, оҳорли ва чуқур мазмунли бадиий умумлашмалар қилади — уларнинг халқ мақолларидай, ҳикматли сўзлардай жаранглашининг сабаби шунда:

То мард сухан нагуфта бошад,
Айбу хунараш нуҳуфта бошад.
Ҳар беша гумон мабар, ки холист,
Шояд, ки паланг хуфта бошад!

Мазмуни: «То киши сўзга оғиз очмай туриб, унинг нуқсонин) фазилатини билиб бўлмайди. Шунга ўхшаб, тўқайни сокин кўриб, уни тинч деб ўилама, ажаб эмаски, бир овлоқда йўлбарс ухлаб ётган бўлса!»
Ёки:

Гурбаи мискин агар пар дошти,
Тухми гунжишк аз жаҳон бардошти.
Ин ду шохи гов агар хар дошти,
Ҳеч касро пеши худ нагзошти.

Мазмуни: «Бечора мушукнинг агар қаноти бўлса, дунёда чумчуқнинг уруғини қуритар, ҳўкиздаги икки шох эшакда бўлганпда ҳеч кимни яқинига йўлатмас эди».
Панд-насиҳат, ҳикмат Саъдий асарларининг қат-қатига сингиб кетган. У ҳаётий воқеа-ҳодисаларни турли шаклларда ифодалаб, кўрган-кечирганлари юзасидан хулоса чиқаради ва кишиларни инсоний камолотта даъват этади, умр йўлларидан қоқилмаслик, адашмасликка, ўткинчи ҳаётнинг қадрига етишга, бир-бирини авайлашга чақиради, ҳалол меҳнат қилиб, осойишта яшашнинг аҳамиятини тушунтиради, илму ҳунарнинг афзалликларини уқтиради.
Хеч нарса ҳаётнинг ўрнини босолмагани сингари, ҳаёт ҳаққониятига асосланган асарларнинг умри ҳам боқий бўлади. Айни жиҳатдан, шоир шеърларининг ҳар бир ҳужайрасидан ҳаёт нафаси уфуриб туради. Бу шеърларнинг қон томири турмушнинг қайноқ вужудига уланган.
Ҳаётнинг ўзи устозлик қилган киши чинакам донишманд бўлади. Чунки ҳаёт сабоқлари ҳамиша жонли ва аниқ бўлади. Бунинг устига, ҳаёт деган устознипг дунёнинг жилд-жилд китобларига кирмай қолган усул ва тажрибалари ҳам кўп. Йиллар давомида жилд-жилд китоблардан ололмаган сабоғингни ҳаёт бир лаҳзада миянгга жойлаб қўйиши мумкин. Китобий илмлар хотирадан ўчиб кетиши мумкин, лекин ҳаёт сабоқлари сира эсдан чиқмайди. Саъдий ҳикматлари ҳаётдан олингани учун ҳам асрлар давомида ўз қимматини йўқотмай келаяпти ва то ер юзида инсон авлоди яшар экан, уларнинг аҳамияти заррача камаймайди, билъакс, ортиб бораверади. Зеро, инсоннинг табиий ва маънавий интилишлари ҳамма даврлар ва жамиятларда ҳам деярли бир хил.
Бу шеьрлар ўз замонининг барча илмларини эгаллаган аллома, дунё кезган донишманд, олам ва одам моҳияти устида бир умр тафаккур юритган мутафаккирнинг ўй-фикрлари, фалсафий умумлашмалари, ҳаётий хулосалари. Дунёни мукаммал, ҳаётни тўкис, инсонни баркамол кўришни истаган бани башар тақдири учун масъул зотнинг орзу-армонлари, умид-изтироблари.
Саъдий асарларининг тили содда, услуби лўнда, халқона сўзлар ва образли ифодаларга бой, ташбеҳу тимсоллари ҳаётий, шсьрий санъатларни маҳорат билан қўллайди, шаклан гўзал, мазмунан теран, бадиий юксак бу асарларга ўхшатиб ёзишга уринганлар кўп, лекин ҳеч ким Саъдий даражасига кўтарилолмаган. Шунинг учун ҳам форс-тожик адабиётшунослари унинг услубини «саҳли мумтанеъ», яъни «осон у, имкони йўқ» деб таърифлаганлар.
«Гулистон» XVII асрнинг биринчи ярмидаёқ Европа тилларига таржима қилиниб, тарқала бошлаган. У илк бор француз дипломати Андре Рис томонидан француз тилига ўгирилиб, 1634 йили Парижда нашр этилган. Бу таржима жуда эркин бажарилган ва мукаммал бўлмаса-да, кўпчиликнннг эътиборини тортади. 1635 йили асар французчадан немис тилига таржима қилинган. Шундан кейин бошқа ғарб тиллари, шунингдек, рус тилига ҳам ўгирилган. Рус тилида «Гулистон» (1957. 1959) ва «Бўстон» (1963) асарларининг мукаммал таржималари босилиб чиққан.
«Саъдий ёлғиз Эрон эмас, балки Осиёнинг, Африқонинг ҳамма ерида ҳурматли бир файласуфдир. Унинг тарзи баёнининг тароватини ва ифодасининг қимматини Оврупо илму адаб аҳли ҳам кўпдан бери тан олганлар», — деб ёзади машҳур мажор олими Херман Вамбери. Буюк немис шоири ва мутафаккири И. В. Ҳёте Саъдийни «жуда маҳсулдор ва файзлп», «ҳаёт тажрибаси билан бойиган жуда яхши шоир» деб ҳисоблаган.
Машҳур француз файласуфи ва адиби Вольтер «Гулистон»дан хабардор бўлган ва баъзи шеърларида ундан фойдаланган. Таниқли француз масалчиси Лафонтен ҳам «Гулистон»даги ҳикоят ва нақллардан ўз масалларида истифода этган. Улуғ рус шоири А. С. Пушкин: «Саъдий ва Ҳофиз асарларининг пинҳоний асрорига етгунимча шеърларимда қувончбахш жиҳатлар ва ҳаётдўстлик кам учрарди», — деган эди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тинчлик Кенгаши биноси пештоқига «Гулистон»дан олинган қуйидаги мисраларнинг дарж этилгани ҳам Саъдийнинг инсоният шоирига айланиб кетганлигидан далолат беради:

Бани одам аъзои якдигаранд,
Ки дар офариниш зи як гавҳаранд.
Чу узве ба дард оварад рўзгор,
Дигар узвҳоро намонад қарор.

Мазмуни: «Одам болалари ибтидода бир гавҳардан бино бўлганлари туфайли яхлит бир вужуд кабидирлар. Бинобарин, замон унинг бир аъзосига жароҳат етказса, бошқа аъзолари ҳам ўз тинчини йўқотади».
1958 йили Бутун Жаҳон Тинчлик Қўмитасининг қарори билан «Гулистон»нинг 700 йиллиги жаҳон миқёсида кенг тантана қилинган.
Саъдий асарлари қадимдан ўабек халқи орасида ҳам машҳур. «Бўстон» ва «Гулистон» асарлари мадрасаларда асосий дарсликлар сифатида ўқитилиб келган. Мумтоз шоирларимиз бу улуғ сўз саньаткоридан ўрганганлар, таъсирланганлар. Алишер Навоийнинг «Маҳбуб ул-қулуб», Хожанинг «Гулзор», Абдулла Авлонийнинг «Туркий «Гулистон» ёхуд ахлоқ» асарлари бевосита Саъдий «Гулистон»и таъсирида яратилган. «Девони Фоний»да Саъдий ғазалига 22 га татаббуъ, унинг таврида 4 та ғазал мавжуд. Чунончи, Навоийнииг Саъдий ғазалига ёзган бир татаббуъсида ўқиймиз:

Фоний, ба раҳи Саъдий агар зад қадаме чанд,
Бо ў суханаш бин, ки чу ширу шакар афтод.

Мазмуни: «Фоний Саъдий йўлида бир неча қадам ургани учун ҳам сўзлари сут ва шакар кўшилганидек ширин бўлди».
Албатга, тасаввуф адабиёти намояндаси сифатида Саьдий сўфиёна шеърлар ҳам ёзган («Гулистон»нинг иккинчи бобида нюир болалигида отаси билан сўфийлар мажлисида бўлганлиги тўғрисида ҳикоя қиладп). Лекин уларда ҳам, Навоий таъбири билан айтганда, ҳақиқий ва мажозий муҳаббатни маҳорат билан омухта қилиб юборган. «Насойим ул-муҳаббат» тазкирасида келтирилишича, Саъдий Шерозийга Хизр назар қилган. Машҳур тариқат пири Низомиддин Авлиёга қўл бериб, унинг раҳбарлигида риёзат босқичларини босиб ўтаётган Амир Хусрав Деҳлавий бир кеча тушида Хизр алайҳиссаломни кўриб, ундан ўз оғзига муборак тупугипп солиб қўйишини ўтинади. Лекин Хизр айтадики: «Бу давлат сендан аввал Саъдийга муяссар бўлди!»
Шарқ мумтоз сўз санъати мухлислари эътиборига ҳавола қилинаётган Саъдий Шерозий ижодидан дасталанган ушбу тўпламга забардаст форс-тожик шоири асарларининг ўзбекча таржималари ичидан энг яхшилари танлаб олинди. Маълумки, наср ва назм аралаш халқона уелубда ёзилгани, ривоят, нақл, ҳикматга бойлиги билан катта шуҳрат қозонган «Гулистон» асари ўзбек тилига бир неча марта таржима қилинган. Бу асарни биринчи марта 1390—1391 йилларда XIV аср ўзбек адабиётининг йирик намояндаларидан бири Сайфи Саройи «Гулистон бит-туркий» номи билан Мисрда таржима қилган.
Сайфи Саройи дўстлари ва маслакдошларининг даъватига кўра, «Гулистон»ни ўзбек тилининг қинчоқ шевасида ўгиради. У асарнинг аслини айтарли сақлаб қолган, айни пайтда, аслиятдан бир қадар чекинган. Бу давр омили билан ҳам боғлиқ: ўрта асрларда таржимага бирмунча эркин ёндашилган — таржимоннинг асарни қисқартириш, ўзгартириш, ҳатто унга қўшимча қилиши мумкин бўлган. Сайфи Саройи ҳам таржима жараёнида «Гулистон»дагн айрим парчаларни тушириб қолдиради, баъзи шеърларни ижодий қайта ишлайди, ўзининг ва замондош шоирларнинг баъзи шеьрларини киритади, айримларини таржима қилмай, ўзича қолдиради. Шунга қарамай, таржима муваффақиятли чиққан ҳамда асрлар мобайнида туркий халқларни Саъдий ижодн билан таништириш ва донишманд шоирнинг маънавий-ахлоқий қарашларини тарғиб қилишда муҳим роль ўйнаган.
XIX асрда «Гулистон» Хива хони Муҳаммад Раҳимхон II — Феруз топшириғи билан забардаст шоир ва моҳир мугаржим Муҳаммадризо Огаҳий томонидан иккинчи марта ўзбек тилига таржима қилинади. Асарни бирмунча қисқартириб таржима қилгани, чунончи, 187 ҳикоятдан 25 тасини қолдириб кетгани, 1000 га яқин шеърий парчалардан 522 байтини шеър билан ўгириб, қолганини насрлаштиргани, бир қанча арабий матнларни ўзбекчалаштирмаганига қарамай, «Огаҳий Саъдий Шерозий ҳикоятларининг бадиий таровати, руҳини ўқувчига етказади. Саъдий сажълари, ихчам, лекин лўнда афористик жумлаларда тузилган насри, қитъа ва рубоийлари, сероҳанг, жарангдор ифодалари Огаҳий таржимасида ўзбекча нафосат билан акс этган» (Н.Комилов).
«Гулистон»нинг учинчи таржимаси тошкентлик мударрис ва шоир Мулло Муродхўжа Солиҳхўжа ўғли қаламига мансуб бўлиб, у «Шавқи Гулистон» деб аталган. «Муродхўжа мадраса талабалари эҳтиёжини ҳисобга олиб, асарнинг қийин сўз ва иборатларини шарҳлаган ва форсий оригиналини ҳам қўшиб, «Ғуломия» матбаасида нашр эттиради» (1909). Лекин сўзма-сўз таржима принципи устунлиги ва бадиий савияси баланд бўлмаганлиги туфайли бу таржима унча шуҳрат қозонмаган.
1968 йили «Гулистон»нинг тўртинчи таржимаси босилиб чиқди. Асардаги шеърларни Ғафур Ғулом ва Шоислом Шомуҳамедов, наср қисмини Рустам Комиловлар ўзбекчалаштиришган. Бу «Гулистон»ни ҳозирги давр ўқувчисига таништириш йўлида муҳим қадам бўлди.
«Бўстон» асари аввал Чустий, кейин Ш. Шомуҳамедов томонидан таржима қилинган бўлса-да, бу таржималарнинг ҳар иккаласи ҳам тўлиқ эмас. Асар қисқартирилиб, замонга мослаб. диний-тасаввуфий руҳдаги қисмлардан холи қилинган ҳолда ўзбекчага ўгирилган. Лекин бир-биридан гўзал ва мазмунли ҳикоятлар, халқ мақол-маталлари даражасидаги теран ҳикматлар асар ҳақида тўлиқ тасаввур беради ва ҳар қандай ўқувчини ўзпга жалб қилади.
Биз мазкур тўпламни тартиб беришда бу таржималарнипг барчасидан фойдаланишга ҳаракат қилдик. Табиийки, Сайфи Саройи ва Огаҳий таржималари ичидан бугунги ўқувчига нисбатан тушунарлпроқларшш танладик, Чунки таржима ҳарчанд яхши чиққан бўлмасин, унда қадимий туркий сўзлар ёки араб-форс сўзлари нисбати кўп бўлса, ҳозирги ўқувчи уни тушунишда қийналади.
Албатта, Саъдий Шерозийга ўхшаган жаҳон адабиёти забардаст намояндаларининг дурдона асарларига ҳар бир даврнинг ўз талаби, ҳар бир ўқувчининг ўз эҳтиёжи бўлади. Бу янги таржималар ва нашрларни зарур қилиб қўяди. Қўлингиздаги тўплам ана шу талаб ва эхтиёж натижаси ўлароқ майдонга келди. Агар у таъбингизга мувофиқ тушиб, қалбингпзда акс садо берса, биз ўз вазифамизни уддалаган бўламиз.

Эргаш Очилов



 
ҒАЗАЛЛАР

- Шоислом Шомуҳамедов таржималари -

* * *

Эй сорбон, оҳиста юр, ороми жоним борадур,
Тандин дилу жоним олиб, ул дилситоним борадур.

Қолурмумен олис бўлиб, бечораю маъюс бўлиб,
Қалбим фироқ тиғи тилиб, то устухоним борадур.

Дердим қилиб найранг-фусун, сиррим этай пинҳоп бу кун,
Пинҳон бўлолмас чунки хунҳ дилдан ниҳоним борадур.

Саркаш нигоримдан жудо, айшу қарорим бебақо.
Манқалда оташдек қаро дуд бирла қоним борадур.

Чексам-да зулм бедодини, ҳам ваъдалар барбодини,
Кўксимда тутгум ёдини, токи забоним борадур.

Тўхтат бир оз, эй сорбон, карвонни қилма тез чунон,
Сарви равон ишқида жон — руҳи равоним борадур.

Қайт, кўзларимга қўй оёқ, эй дилфириб, кетма йироқ,
Эй нозанин, кўкка бу чоқ оҳу фиғоним борадур!

То субҳки, уйқу билмадим, носиҳни кўзга илмадим,
Аммо атайлаб қилмадим — қўлдан иноним борадур.

Сабр айла, дер, менга жарас, ёр васлини қилма ҳавас,
Бу менга лойиқ иш эмас, чун хонумоним борадур.

Ундай чиқар жону бу тан, сабил қолур деб кўп сухан,
Тинглаган эрдим, энди ман кўрдимки жоним борадур.

Қилма фиғон, эй Саъдиё, ҳеч арзимас ул бевафо,
Тоқатни қўймас бу жафо, ақлу имоним борадур.


* * *

Сенмисан, ё боғима сарви равоним келдиму?
Ё малак одамсифат бўлган замоним келдиму?

Уд тутатмоқ бўлдиму бўстон аро дўстлар иши,
Ёки ёрим келди, ё мушк корвоним келдиму?

Сорбон, солгил назар зебо нигорим ҳуснига,
Гар ҳаридор бўлса, тутдим қўлда жоним, келдиму?

Энди ҳеч дарду алам бирла ўтирмам уйда ман,
Келдиму бозорга гул, жавлонли оним келдиму?

Гарчи сен онинг санам тарзини инкор айласанг,
Мен ҳамон кўзим нигорон — жонажоним келдиму?

Кўзларим гар қайта кўрмоқда нигорим чеҳрасин,
Ваҳ, магарким мурда танга қайта жоним келдиму?!

Ҳарнаким, мендан кетишга ҳозир эрди боғлади,
Барча ҳайрат этди ё оромижоним келдиму?

Най агар озодалар мажлиcи ичра нолаваш,
Захмидиндур ноласи, ул жон фиғоним келдиму?

Уйқудек хуммор кўзингдан ажрагач бир лаҳза, айт,
Уйқусиз кўзларга хоби ногаҳоним келдиму?

Нола қилма, Саъдиё, жабр этса ёринг, ҳиммат эт,
Ёр жабри ёрга ўтгай, соябоним келдиму?!


* * *

Дўстларимнинг суҳбати худди олам жаннати,
Ё жаҳаннамнинг ўти номуносиб суҳбати.

Гар азизлар суҳбати бирла ўтса бир нафас,
Шул нафасни бил ҳаёт ҳосили ҳам шарбати.

Кўз, қулоқ, тил бўлса ҳам, барча одам бўлмагай,
Қанча кўрдим деву жин — мисли одам сурати.

Хуш чиройдан ҳам башар ҳуснн ортар-ку, фақат —
Одам ўлғай шул киши бўлса гўзал сийрати.

Мен ҳасадни билмасам, ҳасратин билмас эдим,
Ҳасад ўтин солади ёр қўшилган фурсати.

Ким баҳорни кўрмаса кўкаламзорга чиқиб,
Робиаъ ойида ҳам бор муҳаррам қиммати.

Кўзи доимо гўзал чеҳрада дил бўлса тош,
Насиҳатга кўнмагай, дил тўлиқ жаҳолати.
   
Кездим олам юзини, топмай ором асарин,
Бўлса фақат севгили ёр қучоғин роҳати.

Аҳли диллар томиридан тоза хун оқса агар,
Дўст висоли малҳами, дори топган иллати.

Молу дуиё яхшидур, тан шарифу жон азиз,
Барчасидан ҳам баланд ёри вафодор ҳурмати!

Мумсик одам кулфати — молу дунё ташвиши,
Дўст-ла шодон ўтади Саъдийнинг ҳар соати.


* * *

Кумуш, зар бўлса сочгум, хонумоним,
Бўсанг орзусига қурбон бу жоним.

Агар эртан мени зиндон этурлар,
Бу нақд олтин дақиқа бўстоним.

Жаҳон ўткинчидир — йўқ эътиқодим,
Дилим коми ўзинг, жону жаҳоним.

Этагинг гулга тўлғузгум бу боғда,
Агар лутф этса менга боғбоним.

Ҳумоюн бахтини қайдан билай мен,
Узоқ Симурғ инидин ошиёним.

Сен ишқ дарсини бердинг шаҳримизга,
Эшит шарҳин, кел, айтай, нуктадоним.

Ғаним кўп дилда-ю, дастингдан аммо,
Ҳузурингда тутилгай тил-забоним.

Мен айтай, майли, билсин душману дўст,
Бўлиб маст, ошкор барча ниҳоним.

Агар истар эсанг, эй сарви сиймин,
Тўкарсан, розиман минг бора, қоним.

Дема: Саъдий, муродингдан кўнгил уз,
Бўлибсан тошбағир, эй меҳрибоним!

Тирикман то хаёлинг дилда доим,
Агар ўтсам, ўзинг ороми жоним.


* * *

Ким лабинг тишлаб кетибдир, эй санам?
Ким кўрибдир боғи лутфингдин карам?

Умрим ичра не тотибман энг лазиз,
Энг ширин ҳосилни узмиш қай одам?

Оби ҳайвон чашмаси сенга ҳалол,
Чекмиш Искандар нечук меҳнат, алам.

Бу қизил май ёки инсон қонидир,
Ё сиёҳ томган киши чакмони нам?

Жумлага улфатсан-у, мендан жудо,
На гуноҳ сенда, даҳр кори бу ҳам.

Кўп туриб қолмас етилган мева ҳеч,
Халқ қўяр пишган ширин сори қадам.

Минг шукр, бир бор қулаб тушмиш девол,
Қайта бу боғни биров кўрмас шинам.

Гул у ҳафта очмаганди оғзини,
Пардасин ел йиртди бул кун субҳидам.

Қилмам энди шарбатин ичмак ҳавас
Бул идишдан шарбат ичмиш ўзга ҳам.

Саъдий, ўзга ишқ эшигин қоқ, бу боғ -
Ичра ўтлабдир сурув қўйлар бу дам.


* * *

Юзларинг мендин ўгирма офтоб,
Бегуноҳ қатл этмоғингда йўқ савоб.

Тунда тушда сен қучоғимга кириб,
Келганингда не хуш эрди уйқу — хоб.

Ичда оташ кўзларимда сув билан,
Нисфи ҳўл, нисфи қуруқман, не азоб.

Кипригинг пайконига жоним нишон,
Тирноғинг пардозига қоним хизоб.

У сўз айтар бўлса, диллардир асир,
У сепар туз — одам аҳлидир кабоб.

Ким кириб келса, у деб қилдим гумон,
Ташна мискин сув дебон кўргай сароб.

Ҳайф-ку бундай бадан узра либос,
Зулм-ку бундай гўзал юзга ниқоб!

Субҳдин то тонггача юз беркитиб,
Айлама ой бирла офтобни итоб.

Саъдиё, ёринг барин тутмак эсанг,
Топ чидам, бурса қулоғинг нақ рубоб.


* * *

Замон ғамидан десам ҳикаят,
Қиссам чўзиларди бениҳоят.

Минг йиллик умр керак бўларди,
Мингдан бирини демакка албат.

Аҳволим айтар кўзимнинг ўзи,
Ўзимга сўзлаш эмасдир одат.

Ҳолимга мажлис дили куярди,
Ёр фироқидан бошласам суҳбат.

Чаман булбули бошлайди фиғон,
Айтсам ёр бошга солганин фурқат.

Тонгда ичарлар қайда қолишди,
Хуморим айтиб, қилай зиёфат.

Саъдий беқарор дилин дардини,
Беқарор дилга айтсин оқибат.

Ҳеч ким қайрилиб боқмас мен томон,
Айём ғамида десам шикоят.


* * *

Дўстсиз ётмоқ баданда,
Мисли мурда кафанда.

Сенсиз бўлурми шодлик,
Руҳ бўлмаса баданда?

Сабо бўстонда кўрмас,
Сен каби сарв чаманда.

Кун чиққандек яқодан
Яшнар юз пираҳанда.

Сочларинг ҳалқа-ҳалқа,
Бало бор ҳар шиканда.

Ишқ кўйи бозорида
Қийматсиз жон бу танда.

Етти иқлим яшолмас
Саъдийсиз анжуманда.

Ё дилинг хора тошдир,
Ё мен узоқ экан-да.


 
- Эргаш Очилов таржималари -

* * *

Бу гўзал юзларга боқмаслик жуда мушкил эмиш,
Ким насиҳат қилса менга, панди беҳосил эмиш.

Ҳусн шоҳидан агарчи дилда минг қўрқув яшар,
Тонгда ёрни кўрган ошиқ бахтга восил эмиш.

Кулгичи чоҳидаги бечораларнинг ҳолати
Ул малаклардекки, Бобул чоҳида манзил эмиш.

Бундан аввал зуҳду тақвони даъво қилган эдим,
Энди билдим: неки даъво айладим, ботил эмиш.

Барчанинг наздида гарчи ўлим элчиси заҳар,
Ёр заҳар берса ҳам, аммо, дафъи дарди дил эмиш.

Ёр кўнидан оёқ тортиб кетолмайман сира,
Дўстлар, маъзур тутинг, кўнглим шунга мойил эмиш.

Сабр қил, девона деб ҳукм этса оқиллар сени,
Бермаса ким жонни жононга, нечук оқил эмиш?

Куфр деб билса гўзаллар юзига боқмоқни ким,
Ул фақат сувратга масту маънидан ғофил эмиш.

Сорбон, оҳиста юр, карвон ила жоним борар,
Ёр маҳофа устида, остида гўё дил эмиш.

Тушса ҳижрон ўртамизга гарчи юз манзилда ҳам,
У ширин жон ичра тушган бир ажиб манзил эмиш.

Дўст бўлинг, Саъдий, қийинмас ҳар нечук инсон билан,
Боғланиб қолсанг ва лекин, дил узиш мушкил эмиш.


* * *

Биз ушбу шақарда хору бу элда фақир,
Бандингга гирифтормиз-у, домингга асир.

Олам эшиги элга очиқ, бизга ёпиқ,
Зулфинг сени бўйнимиздаги занжир, ахир!

Мен сендан узолмагайман-ей асти кўзим,
Сен ҳам назарингни узма, эй қомати ҳур!

Наздингда ошиқлар ичида яхшиси йўқ,
Аммо мен учун жаҳонда йўқ сенга назир!

Орзум эди: бир кун сенга жоним бераман!
Билдим: кўрасан ҳаттоки жонни-да ҳақир.

Мен барча бу сўзларни дедим дард зўридан,
Чиқмас ҳиди ўтга солмаса чунки абир.

Ҳар қанча яширмасин паришонлигини,
Ошиқ юзи фош этар сирини барибир.

Бу кексашшг ишқи сени ҳайратга солар,
Бу кекса дил ўгидан бўл, эй ёш, ҳазир!

Кўз Каъбаси қошинши камонхонасидир,
Узмайди нигоҳ тиғ уриб, этсанг-да басир.

Нодон кишилар менга насиҳат қилишар.
Ошиққа насиҳат сира бўлмайди зарур.

Ҳусн аҳли яралмишдир азал кўрмоқ учун,
Гар кўрмаса, Саъдий, не керак кўзга нур?!


* * *

Гўзал ёр зулфи домига гирифторманми мен танҳо?
Ким ошиқ бир дилоромга — унинг бошида шу савдо!

Гўзал ёр васлига етган чаманга қилмагай парво,
Гўзал ёр қаддига шайдо чаманнинг сарви ҳам ҳатто!

Мени ошиғу шайдо деб билармиш ул парипайкар,
Қаердан билснн ошиқ қолини ўз ҳуснига шайдо?

Биларман: оҳу фарёдим етар, лекин қачон қилгай —
Бу ишқ иқлими қулига у ҳусн эли шоҳи парво?

Шириннинг васли Фарҳодга муяссар бўлмади гарчанд,
Ширин ишқида ширин жонини топширди-ку аммо?

Ақл истарки, ишқ устидан ўз ҳукмини ўтказсин
Ва лекин тенг келолмас кучлига ожиз киши асло.

Менга аввал одамлар таънаси ботарди кўп оғир,
Чўчитмас энди ёмғир, чунки бўлди манзилим дарё.

Агар хоҳла вафо айла, жафо қилсанг да зорим йўқ,
Мен учун сендан ўзга нарсада қолган эмас маъно.

Ишонмайман, синаб Саъдийни шунча, ташласанг-кетсанг,
Етишгач сояи лутфинг, керакмас менга бу дунё!

Вафо суви билан хокнмни қорган эрдилар асли,
Сабо қайга олиб борса, вафо ҳиди бўлар пайдо.


* * *

Дилим то бўлди ошиқ — бир нафас беғам тополмасман,
Бу оламда дили ғамсиз бирор одам тополмасман.

Ёнимда ҳамдамим йўқ — бир нафас хуррам нафас олмам,
Нафас жоним билан чиқсин, агар ҳамдам тополмасман.

Дилимда бир сирим бордир кўзим қони аро ўсган,
Бу сирни кимга айтай мен — бирор маҳрам тополмасман?

Қаноат айладим дардига — бир дармон кўринмайдир,
Чидарман захмига, чунки бирор малхам тополмасман.

Агар ким бўлмаса ошиқ, хушу хурсанд у оламда,
Мен ошиқ бўлдим-у, кўнглимни ҳеч хуррам тополмасман.

Тўкилган кўз ёшим бирлан тўкилди обрўйим ҳам,
Кўзим ёшидан ўзга йиғлабон шабнам тополмасман.

Етар, Саъдий, дамингни ичга ют, қўлдан кетибдир иш,
Бўлишга ёр билан бирга бирор дам ҳам тополмасман.


* * *

Замон ғамигами чидай ё ёр фироғини чекай?
Дилимда сабр қолмади-ку: қайси доғини чекай?

На қувватим етар кетай десам кўнгил узиб узоқ,
На қудратим бир ўпибон бўса титроғини чекай.

На қўли бор тоқатнинг-у, ақл енгига тиқай десам,
На ақлнинг оёғи — бир қарор яроғини чекай.

Жаҳонда дўст жафосидан қонига ташна кимса йўқ,
Бир умр дўстнинг мен-ей жафоси тоғини чекай.

Ғаним жафосига чидар чидамли бўлса ким агар,
Чидамли бўла-ю, мудом шу ёр фироғини чекай.


* * *

Тонг ели, ўтарсан санам остонасидан,
Ўтган каби жаннат боғи — кошонасидан!

Ишқ дарди енгибди сени — йўқ ўзга сабаб,
Безор тоғу дашт сен каби девонасидан!

Бир бор назаринг ёр юзига тушса агар,
Дунё тўлар эрди бу ишқ афсонасидан!

Қўлдан-ку чиқармагайман ёр этагини,
Меҳрини дариғ тутса-да парвонасидан.

Дилдан сени ёдинг сира кетмайди, санам,
Билсанг-да мени даҳр эли бегонасидан.

Ёзилмаса кўнглингни ғубори, на қилай?
Бўлсам бехабар муроди пинҳонасидан.

Ўтсанг-да ёнимдан қиё боқмадинг-ей,
Қилдингми ибо дилимни вайронасидан?

Сен шўху пшринсўзу ҳуру сарву суман,
Ҳайратда ўзи сен каби жононасидан!

Тўр ташлама кимга — ўша тушди тўрингга,
Урсанг қилич, ичди ажал паймонасидан.

Фурсат тўфони ўчиролмайди сира,
Саъдий сўзи шеър мулкини дурдонасидан.


* * *

Ишқбозликни, ахир, дунёга мен келтирмадим,
Бу гуноҳга ёки мен илк мартаба қўл урмадим.

Бехабардирсан мудом ошуфта кўнглим ҳолидап,
Мен-да кўнглимнинг ғамини сенга ҳеч билдирмадим.

Манъ этиб менга муҳаббатни, маломат қилма кўп,
Мен муҳаббат жомини ичганда сени кўрмадим.

Қўй мени-ю, ўз ғаминг ташвишини қил, чунки мен —
Ёрга дил берган кунимдан жон ғамида юрмадим.

Аҳд қилдимки, этай жонимни йўлингга фидо,
Аҳдим устидан чиқарман — бехуда сўз бермадим.

Мен жаҳондан юз ўгирдим — боғладим васлингга дил,
Кўз тугиб лутфингга, уммид гулини сўлдирмадим.

Сен мени борган сари ҳуснингга айлайсан асир,
Изларинг излаб жаҳонда қанча мен чарх урмадим!

Тўтиё бўлсин оёғингнинг ғубори кўзима,
Бу жаҳонда то вужудим гардини қолдирмадим.

Қўлларим Маҳшарда ҳам қўйиб юбормас этагинг,
То дегайсан кўнглини Саъдийни нега сўрмадим?


* * *

Бу алиф қадни кўрингким, нима рафтор қилади?
Бу шакар лабни кўрингким, нима гуфтор қилади?

Ихтиёрини олиб, телба қилар хуш аҳлини,
Ҳар қачонким илтифот ул парирухсор қилади.

Масту хуммор кўзлари шўхлигу дилбарлик этиб,
Барча ҳушёр кишилар қасдига озор қилади.

Биз жаҳондаи юз ўгирдик шу гўзал орзусида,
Бевафо ёр бўлса, қаҳрига гирифтор қилади.

Бехабар ишқ аҳлининг ҳолидан зуҳд аҳли азал,
Қайда гофил бўлса, оқилдан ўша ор қилади.

Олишар сабру қароримни мудом ой юзлилар,
Бу жиҳатдан Саъдий ўз айбини иқрор қилади.

Энди боқмайман гўзаллар юзига асло дея
Қилса да юз бора тавба, яна бекор қилади.


* * *

Мен тушдим-у бандингга қачон, озодман!
Гар шоҳман-у, сенга қуллигимдан шодман!

Бор дарди жаҳоннинг менга қилмас таъсир,
Чеҳрангни кўриш билан дили ободман!

Хуррам ўша кун — жонни сенга топширсам,
Фарҳод ила Мажнунга, ахир, авлодман!

Қошингда макон тутдим-у, бердим кўнгил,
Дўстлик уйини қилолмадим бунёд ман.

Билсанг, нима хоҳишим менинг васлингдан:
Ўзликни қилолсам сени деб барбод ман!

Қай кунки, дилим олдинг-у, маҳбуб бўлдинг,
Ушшоққа вафо бобида мен устодман!

Қаддингни хаёли токи кўзим ичра,
Сарв бўлса халойиқ, мен сарви озодман!

Бу ташбеҳ агар мосмас: ширинсўзсанким,
Бу борада Ширинсан-у, мен Фарҳодман!

Давлат қани — тўксам қадамингга қумдек?
Мен дўмбирадек ичи ҳавою бодман.

Бу чарху фалак бўлди мудом қасдимда,
Тортмас қўлини то бўлмасам барбод ман.

Шероз сиқилтирди кўнглимни жуда,
Қилсам бўлар энди сафари Бағдод ман.

Кўкка етар, аммо Соҳиби девонга —
Етмас сира урсам-да неча фарёд ман!

Саъдий, ватанни севиш иймоидандир,
Лек ўлма очингдан дея: «Мен зурёдман!»


* * *

Бу банда мудом фидои жонинг.
Осон менга ушбу имтиҳонинг.

Жонингга қасамким, ега олмас
Бир тола сочингга нигаронинг.

Бир кимсага йўқ агарчи меҳринг,
Барча бу жаҳонда меҳрибонинг.

Бошим қадамингга, эй ситамгар,
Бўлсин фидо истаган замонинг!

Минг жаҳд ила сенга ета олмам,
Қўл етмас — узоқдадир маконинг.

Ҳар лаҳза хаёлинг менга ҳамроҳ,
Ет ўзга ғаму унут гумонинг.

Нодон кишилар қадингни сарвга
Ташбеҳ этиб оширар фиғонинг.

Бу кипригу қошки, сенда мавжуд,
Дил овида не керак камонинг?

Саъдий вужуди заифлигидан
Қилдек белича эмиш, ишонинг!

Сўз дегали очмасанг оғизни,
Пинҳон эди барчадан даҳонинг.

Бундан-да ширин сўз бўлмагайдир,
Сўзлар уни шу ширин забонинг.


* * *

Сабода бўлса зулфининг ҳиди нозли нигоримни,
Қувончу роҳати у хаста кўнглим — беқароримни.

Умидим борки, умрим бахти ётмас уйқуда мангу,
Ўнгимда бўлмаса, тушимда қучгайман-ку ёримни.

Агар билсам, ситамгар маҳбуба жонимга қасд этгай,
Фидо йўлига қилгайман шу жони бемадоримни.

Биларман: арзимас туҳфа унга менинг азиз жоним,
Начора, бахш этарман мен қўлимда ҳар на боримни!

Бу хил муомала ҳеч ҳам эмасдир ихтиёримда,
Азалдан ёр ризоси айламиш банд ихтиёримни.

Жафосидан агар кўнглимда бўлса юз жароҳат ҳам
Ва лекин бандасиман то ҳануз шул ғамгусоримни.

Ўрин йўқ кўнглим ичра ўзганинг ишқи учун зарра,
Ўзингдан ўзга асло жалб этолмас эътиборимни!

Кўнгилда на гулистон завқию на лолазор шавқи,
Кўрарман ёр юзида ҳар нафас турфа баҳоримни!

Сенинг ишқингда куйди, эй ситамгар, кўнгли Саъдийнинг,
Мурувват этмадннг бир бор кўрай деб интизоримни.

Муродимнинг ушалмаслиги бўлса гар мурод сенга,
Муроди сен билан бир хил экан кўзи хуморимни.


* * *

Қўлимдан келмас асло то сенинг ёдингсиз ўлтирсам,
Ҳушим йўқдир юзингдан ўзганинг ҳам юзини кўрсам.

Азалдан, англадим, рости, талашдим Ширин устида,
Ажаб йўқ, мисли Фарҳод ёрга ширин жонни топширсам.

Сени ҳар нарсадан ортиқ севарман ушбу оламда,
Агар ақлимда нуқсон-у, динимда бир зиён кўрсам!

Кумушдек оқ, латиф қўлинг мени шамширсиз ўлдирди,
Ажаб йўқ, қўлга шамшир олсанг-у, таслимга юз бурсам.

От, эй тонг, сенга муштоқман, ҳадемай кун ялов тиккай,
Ҳилол олди Сурайёдан бу ялдо тунини сўрсам.

Азал келдим-у борлиқдан бу йўқлик саҳросига,
Умидим бор — кечиргайсан, бечораман — дилим ёрсам.

Бу кўнгил мисли шамъ бўлсин, тараҳҳум айласнн менга.
Ёнимда шамъ каби ёнган киши йўқ — сизга билдирсам.

Лабинг бир-бирига қовушмагай кулганда мисли гум,
Равоми унда мен — булбул бутимор янглиғ ўлтирсам?

Рақиб бармоғини тишлайди, Саъдий, кўзларингни юм,
Гулинг ҳидлайман-у, боғбон, лек узмам, боғингга кирсам.


* * *

Ўтар эрди ҳаётим хурраму хуш,
Суюкли маҳбубамни айлаб оғуш.

Бўлиб маст ишқидан-у, васлидан шод,
Дину дунёни қилгандим фаромуш.

Эмас ширин лаби таърифга муҳтож,
Заҳар тутса, қилардим бол каби нўш.

Адаштирди мени лутфию ҳусни:
Садафми ёки у ёр кўкси эмиш?

Гўзал рухсору жонпарвар сўзи деб,
Қулоғу кўз бўлишдир менга хоҳиш.

Бу тун қандай қилиб айланди тонгга?
Эдим хушдан жудо кўрган каби туш.

Хато қилди азонида муаззин,
У ҳам мендек эдими масту беҳуш?

Бу ишқни сир тутишга етмади сабр,
Кучайди дўсту душман ичра миш-миш.

Агар кўрган эсанг, Саъдий, тушингда,
Кеча ўтди, бугун чиқарма товуш!

Агар қашшоқ кўриб қолса хазина,
Қилар ҳирс васваса, турмайди хомуш.
 
 
РУБОИЙЛАР

- Эргаш Очилов таржималари -

* * *

Кўнглим ўтидан ичимдаги қон қайнар,
Шундан мени эл телба дебон гап ўйнар.
Ким кўрса эди Лайли юзини бир бор,
Билгай эди: Мажнунни нима дард қийнар?

* * *

Ваҳ-ваҳ, на қиёмат бу келишган қомат!
Йўқ сарвда ҳатто қоматингга нисбат!
Бошланди қиёмат, демасин, марҳумлар,
Ҳеч ўтма мозор қошидан, эй моҳталъат!

* * *

Бузганча вафо шартини ул жонона,
Тарк айлади — кўнглимни қилиб вайрона.
Деди: «Мени уйқунгда кўрарсан энди!»
Дедим: «Менга сенсиз уйқудир бегона!»

* * *

Шоҳдир ўша бевафо кўнгил тахтимда,
Шамъ элга, бироқ алангадир рахтимда.
Ул барча билан ўнг-у, фақат мен ила терс,
Йўқ айби унинг, гуноҳ бу шўр бахтимда!

* * *

Тунлар ўтади — уйқу қочиб кўзимдан,
Кўнглимни узолмагум дилафрўзимдан.
Ўз қўли билан тўкса эди қонимни,
Ўлсам эди рози бўлиб ўз-ўзимдан.

* * *

Сабрим тугади — қилди кўнгил ёрни ҳавас,
Жонимни оёғи остига ташла-ю, бас,
Минг онт ичай эл олдида бошимни уриб:
Тўккан киши қонимни гуноҳкор эмас!

* * *

Ёр ишқи кўнгилни бир нафас тарк этмас,
Дардини кўтармоққа-да сабри етмас.
Ё гулни тиконига сабр айламас-у.
Ё гулдан умидини узиб-да кетмас.

* * *

Келганда баҳор ҳавоси олам на гўзал!
Қуш нағмаси, гул ғунчаси, шабнам на гўзал!
Най ноласига чанг эса ҳамдам на гўзал!
Ёр бўлса ёнингда яна маҳрам на гўзал!

* * *

Ёр бўлса қучоғимда кечамдир кундуз.
Ёр бирла ўтар куним мисоли Наврўз!
Ўтди кеча, индинни кутиб ўлтирма,
Ҳар қанча бугунни завқини сурсанг оз!

* * *

Меҳмон бу кеча менга ўшал дилафрўз,
Бахтимга рақиблар арзигай қилса кўз.
Шамъ ўчсин-у, ой ботсин — ўшал нозли санам
Кўйнимда экан, кечам мисоли кундуз!

* * *

Сарв олган унинг қоматидан андоза,
Оғзидан ўғирлаган баҳр дурри тоза.
Ҳар қайда бинафшани кўриб айтурман:
Сочи каби кўп буралма, қилма ноз-а!

* * *

Тун йўқки, кўзим юзингга орзуманд эмас,
Жоним-да келиб лабимга сенга банд эмас.
Сен ўзгага дил берсанг ҳам, мен сендан
Узмасман умид — ҳеч ким сенга монанд эмас!

* * *

Умримнинг умид қуши мени тарк этди,
Сархуш кечалар охири бошга етди.
Ҳар лаҳзаси жонга тенг бўлган умрим,
Афсуски, беҳуда қўлимдан кетди...

* * *

«Бир кеча қилай, — деган эдинг, — кўнглинг шод,
Бу барча ғаму азобларимдан озод».
Ўтди ўша кундан бери қанча тунлар,
Лекин ўша ваъдангни ҳеч этмайсан ёд!

* * *

Сен ҳар нима кийсанг, ўша зебо бўлади!
Бўз бўлса-да у, атласу кимхо бўлади!
Бир марта юзингни кўрса ҳар кимса агар,
У энди қиёматгача шайдо бўлади!

* * *

Кўнглига замона ҳар неча урса тикан,
Ҳамма ҳам уриб оҳ, сочини юлмас экан.
Кўпларни дили худди момоқалдироқ
Йиғлайди-ю, аммо енгади кулги билан.

* * *

Ҳар қанчаки сарв бўлса агар оламда,
Ёр қомати қошида ўшал мулзам-да.
Маҳлиё бўлма кўп баланд қадларга,
Бўй қанча узун, ақл ўшанча кам-да!

* * *

Кўздан яширин, дилда аён — ҳолинг не?
Лаб узра табассум, дили қон — қолинг не?
Бир марта видоъ айламай ошиқларига,
Эй тутгучи юксакда макон — ҳолинг не?

* * *

Ҳар қандай орзу бўлса, бир кун етасан!
Бас, беҳуда ғам чекмаки, қариб кетасан.
Душман-ку жафо қилса, бўлишгай дўстинг,
Дўстим деганинг душман чиқса, нетасан?!.

* * *

Ҳар бир тош агар лаъли Бадахшон бўлади,
Бас, лаъл ила тош баҳоси яксон бўлади.
Гар барча қудуқда оби ҳайвон бўлади,
Топмоқлик уни ҳаммага осон бўлади.

* * *

Чолғувчи, ўшал ёрдан пайғом бергил!
Ошиққа бир ишва билан ором бергил!
Соқий, вафо майи тўла жом бергил!
Рашк этса ҳасадгўй, дегил: «Жон бергил!»

* * *

Гул рангли шароб тила агар одам эсанг!
Турсин таралиб нолаи най, нағмай чанг!
Кўкнори ичиб, бир ерда тош қотгандан,
Тошни қўшиб ич кўкнорига, эй ҳоли танг!

* * *

Сен, яхшиси, дил захмига бир малҳам қўй!
Ғамхўрлиги элни беҳуда, эркам, қўй!
Ўлдир мени ўз қўлинг билан — ўлдирсанг.
Душман қўлига топширма ҳеч ҳам, қўй!

* * *

Бу дунё муҳаббатини дилдан юламан!
Минг неъматини бир арпага тенг биламан!
Хар қанчаки бунда янгиман, завқ билан
Бу кўҳна жаҳонда янги гулдек куламан!

* * *

Мен бандаси ул кимсаниким, дил олгай,
Ё бошқа бировни ўзи севиб қолгай.
Ким ўзганинг ошиғи ё маъшуғи эмас,
Кўзига унинг, яхшиси, тупроқ тўлгай...

* * *

Йўқ ўзга илож — тикка борай хонасига!
Хоҳ шамширу хоҳ тиғ урсин девонасига!
Тутса қўлини — мангу вафодори бўлай
Қувса — ўлайин бош қўйиб остонасига!

* * *

Бу кеча чўзилди кўп — оқармай кетди,
Қушлар-да овозини чиқармай кетди.
Мен тун бўйи қоқмай мижа тоққа боқаман:
Тоғ тонгни қучоғидан чиқармай кетди...

* * *

Юзинг қошида дунё гулистонлари мот!
Бахш этгуси васлинг кишига мангу ҳаёт!
Бир қатра томиз икки лабингдан ерга,
Ўлик табиатга жон кирсин шу заҳот!

* * *

Душман эли жабрини оширса ғоят,
Дилтанг бўлма, бор бу синовда ҳикмат:
Ҳар кимки чекар таъна-маломат беҳад,
Ёр шафқатпга бўлса сазовор шояд...

* * *

Минг таъна-маломат қилишар ортимдан,
Ёлғон ила туҳмат қилишар ортимдан.
Душман сўзи деб кечиб бўларми дўстдан?
Майли, неча ғийбат қилишар ортимдан.


* * *

Ҳайҳот! Очилиб улгурмай гул сўлса!
Кошки очилиб, тамом сурурга тўлса!
Кўнглида умиди кўп эди шўрликнинг,
Не фойда: умид кўп-у, умр оз бўлса!

* * *

Эй тонг ели, сен узоқ сафар айлагасен,
Ул ёр эшигидан-да гузар айлагасен.
Биздан унга сен дуою хизмат етказ.
Сўр: «Дўстлардан қачон хабар айлагасен?»

* * *

Мард айлар-у май кишини, шодликка тўлиқ,
Кўкнори мижози-чи, совуқ ҳамда қуруқ.
()й юзли санамни топ-у, ич алвон май.
Ким кўп кўк еса, ранги бўлар сап-сариқ.

* * *

Бечора кишилар сенга мафтун бўлади,
Васлингга етолмай зору дилхун бўлади.
Бир лаҳза сенингсиз тоқати тоқ кишининг
Ҳар лаҳза сенингсиз аҳволи чун бўлади?

* * *

Гар тўккали қонимни санам айласа аҳд,
Қилмам сира жонимни халос этгали жаҳд.
«Мендан не гуноҳ ўтдики, ёр бўлди хафа?»
Қийнар мени шу туйғу, шу қайғу ҳама вақт...

* * *

Ҳар кимсага кимки эътибор этгусидир,
Ориф назарида ўша наст кетгусидир.
Қози икки шоҳид олдида фатво берар,
Ишқ йўлида бир шоҳид ўзи етгусидир.

* * *

Кўнглим ёришар фақат шу ёр туфайли,
Чиройли эмас, дер уни душман хайли.
Ётлар кўзига хунук кўринсин, майли,
Тенги йўқ унинг менга мисоли Лайли.

* * *

Ишқ аҳли табиби, бир нафас ўлтирсанг,
Ишқингда бу хасталарни ҳолин сўрсанг.
Фарҳодсифат сенга агар ошиқман,
Сен чунки Ширипсан — сабабини сўрсанг.

* * *

Ер давлату бахту кулса тақдир бир зум,
Бошимни остингга фпдо қилсайдим.
Осон менга бўлмоқ қадаминг тупроғи,
Лскин сен оёғингни қўярсанми, гулим?

* * *

Қилдик неча лиммо-лим қадаҳни холи,
Бўлсайди насиб, кошки, лабингнинг боли.
Босмиш мени зўр қайғу: лабингга етмай,
Ўлсам нетаман? Асли шу ошиқ ҳоли...

Киприк-ла супургум ёр остонасини.
Гап-сўз қилар эл мен каби девонасини.
Минг ҳайда — оёғини ололмас тортиб.
Кўр ҳолини пашшани — бол парвонасини!

* * *

Кўзга боқиб, сурма эмас, кўрса тикан,
Чақмоқ-да чақиб, ўт ичра қолса хирман,
Ёв этса асир, урса яна қўлга кишан.
Дўст ўрнига яхши кўрганингдан душман!

* * *

Бу лутфу карам соҳиби гўзалга қара!
Писта каби хандон бу лаби лаълга қара!
Сенга бу илоҳий ҳусн сари йўл йўқдир,
Кўзимдаги сув, суврати ял-ялга қара!

* * *

Кўр жоҳу жалолу ҳусну рангни бирга!
Одам дилини менгзама тош, темирга.
Ким ошиқ эмас бировга ё унга биров,
Ҳеч қилма ҳавас бемаъни бу тақдирга!

* * *

Бир куни қилиб азми саҳро сену мен,
Чиқсак бу шаҳардан аста танҳо сену мен.
Атрофда киши бўлмаса учрашганда,
Шод бўламиз ўшанда, илло, сену мен.

* * *

Эй ёр, қаердасан — қучоғим бўм-бўш?
Ўтган кечаги лутфу караминг қани, хўш?
Ҳар қанча кўзимдан яширин бўлсанг ҳам,
Ишқинг юрагимда туну кун ургуси жўш!

* * *

Одам дегани шунча бўларми зебо?
Ё сарв деган шунча баланду барно?
Кўнгли чўкади — кимни у тарк этса агар,
Кўнгли ўсади — кимга агар боқса қиё!

* * *

Эй, кошки, одамлар бу санамни кўрса
Ҳам ёнида ўлтирса-ю, суҳбат қурса,
Шайдоси бўлиб, атрофида чарх урса,
Ошиқ ҳолига зора кулмай юрса.

* * *

Ошиқлик ишидан, истадим, тавба қилай.
Шояд, бу ишқ азобидан четда бўлай.
Ҳар лаҳза бироқ сабру қароримни олиб,
Борган сари яхшироқ кўринсанг, не қилай?!

* * *

Дўст айбини дўст юзига ким солмаса, бас,
Бу чин дўстлик одати-ю расми эмас.
Дўстлик шуки, дўсти тўғри йўлдан тойса,
Дўстлик юзидан дўстини дўстим демас.

* * *

Эй булбули хушлахжа, овозинг мумтоз,
Сархушсан-у севгидан, ҳавасга хамроз.
Хавфим шуки, етмайсан азиз ёрингга,
Солмиш сени тўрга чунки ёқимли овоз.

* * *

Элдан узилиб, четда ниҳон йиғлайман,
То кўкка етар нола-фиғон йиғлайман.
Қуш орқасидан йиғлаб қолган боладек
Ўтган умрим учун чунон йиғлайман...

* * *

Ул дўстки, ҳуснидан бўлар пайдо кўз,
Гар қилмаса жилва ҳусни, нопайдо кўз.
Бир бор юзини кўриш учун шайдо кўз,
Кўришга ярамаса, нега найдо кўз?!

* * *

Мен қаддига бандаман шу шамшодтаннинг!
Фарҳодиман-ей, шу Ширин шўху шангнинг!
Оғзига қулоқ тутса-да, сўз маънисига
Етмас фахми лаълидан ҳоли тангнинг!

* * *

Мен изламасам дилимга ором, на қилай?
Ёр йўлида менга бош тикиш ком, на қилай?
Дерлар менга: «Қўй у ёрни — қонингни тўкар!»
Дил донасига бўлган эса ром, на қилай?

* * *

Дедим: қарамайман юзига дилбарни!
Сўфий каби қилмайман куфр ншларни!
Кўрдимки, бу иш лойиқ эмас табъимга,
Минг тавба қилиб, йиғиб олдим ҳушларни...

* * *

Бир лаҳза қарори йўқ сенингсиз дилни,
Гар бўлмаса гул юзинг, нетарман гулни?
Дерларки: «Унутсанг, бўласан хотиржам»,
«Алҳамдини унутсам-да, унутмам улни!»

* * *

Ул ёрки, кўзим чашмасидан ўтғай ёди,
Шафқат қилишини сўрашим кутгай эди,
Дил-чи, яшириб дардини қон ютгай эди,
Билса гўё сочи ила банд этгай эди.

* * *

Эй ёр, сенингсиз менга бу дунё тор,
Мен еен ила фахр этарман-у, сен эса ор.
Дўстингман-у мен, сен-чи, мисоли агёр.
Бу дилми ва ё тошми, ахир, бўл иқрор?!

* * *

Гар бўлса муяссар менга васл айёми,
Бош кетса-да, бас, ушалса дилнинг коми.
Мен битта ўпардим у яримта холидан,
Рост бўлсин, деб битгани ҳижрон шоми.

* * *

Гар ёв мингта, сенда-чи, юз навкар бор,
Ўзингни ҳалок қилма сира, бўл ҳушёр:
Гар келса қўлингдан уни айла тор-мор,
Гар ожиз эсанг, сулҳдан уялма зинҳор.

* * *

Сен қон каби жисмимни тутибсан буткул,
Бош устига, сендан нима келса, эй гул!
Биз ёр ғамида тунни уладик тонгга,
Мақтанма саҳарда турганингга, булбул!

* * *

Юв, дейди, менга ҳамма, ёмон ёрдан қўл,
Яхшилигидаи ёмонлиги мўлдир, мўл.
Ҳар яхши-ёмону ранжу роҳат — неки бор,
Маъқул бари келса нозли ёрдан бир йўл...

* * *

Тақдир сира тадбир билан ўзгармас,
Минг интил-у-интилма — бирор наф бермас.
Дедимки: бориб сабр қилай бирмунча,
Сабр этгаш, афсуски, мен қодирмас.

* * *

Парвонадек ишқини этиб кўксига жо.
Кўрсатмади ҳеч ким ёрига сидқу вафо.
Душманлигидан қайчи кесар шамъ бошини,
Парвона қилар дўстлигидан жонни фидо.

* * *

Дўст бўлсанг агар, дўстга муносиб дўст бўл!
Дон бўлсин-у дўст, сен эса унга пўст бўл!
Душманни агарчи юзинн кўргинг йўқ,
Дўст кўнгли учун ҳам уни афв эт, дўст бўл!

* * *

У душману дўст кўнглини оғритди,
Гўёки гуноҳ-ла вужудин масх этди.
Аввалда унинг гами эди дилларда,
Энди бу жаҳоннинг ғами унга етди...

* * *

Бошдан нималар ўтмади — дил бермай тоб,
Кўзим ёшидан бўлди этагим ғарқоб.
Кўксимни тешиб ўтган ўқни кўрасан,
Кўнглимга агар қўлингни тиқсанг, моҳтоб!

* * *

Золим кншининг зулми ўзига уради!
Одилга адолат эзгу ном келтиради!
Шоҳ одил бўлса, тахту мулки пойдор,
Шоҳ золим бўлса, борини бой беради!

* * *

Қандай чидайин — бу не ғаройиб ҳолат:
На васлига, на ҳажрига борднр тоқат!
Очилса қаерда гул — азалий одат:
Булбулни шу ерда ноласи билмас ҳад.

* * *

Йўқ менда кўйингда сабру тоқат сира ҳам:
Сендан на узоқлик, на яқинликка, санам.
Шунга қарамай, ҳамиша сабр этмак ишим,
Ошиқ кишига қисмат зкан сабру чидам.

* * *

Эй ёр, биласанмм, не учун айтдим роз?
Кўнглим қуши кўксимаро қилди парвоз!
Ҳолимдан ажабланма-ю, ҳовончага боқ:
Кўргач ёридан жафо, чиқарди овоз.

* * *

Гул фасли-ю, даври шодмонлик келди,
Афсуски, бошимга нотавонлнк келди.
Умримни(нг) баҳори ўтди кўрмай меҳринг,
Умрим қиши вақти меҳрибонлик келди...

* * *

Бир кўрсатиб ўзини ўшал қомати дол,
Кўнглимни қўлимдан олди-ю, қилди увол.
Овлайди кўнгилларни кўзи овчи мисол,
Бой бермайман дилни, десанг, кўр бўла қол!

* * *

Тавба тўнини кияй десам-да ҳарчанд,
Воизга қулоқ тутиб мудом тинглаб панд,
Қаршимда намоён бўлди-ю сарв монанд,
Учди елга ҳар сўзки, деди донишманд!

* * *

Дерлар мепга: «Борма ул санамнинг изидан,
Андиша қил элни(нг) яхши-ёмон сўзидан».
Тушдим домига — энди насиҳат бекор.
Судрар мени у — бормайман ўз-ўзидан.

* * *

Жанг қилгани сен билан биров ботинмас.
Чунки у тузоғингга тушиб қолгай, бас.
Сен бирла курашмоққа менга на дил бор.
На сабр — узай десам кўнгилни, хуллас.

* * *

Хусн аҳлики, кўрган кишилар суқланишар,
Минг ҳайфки, пардада кўриб чекланишар.
Ҳар ҳолда, ниқоб тутишлари бежиз эмас:
Бозорга солишдан ўзини сақланишар.

* * *

Ҳайф дилгаки, у самоъни қилмайди ҳавас,
Тошдир ўша, тошга ишқ иши лойиқ эмас!
Ким севгнга бегона — самоъ унга ҳаром,
Ким куймаса ўт ичра, тутун чиқмади, бас!

* * *

Гар севги дарахти мевага кон бўлгай,
Ул ерда дуру марварид арзон бўлгай.
Қай ерда гузаллар оромижон бўлгай,
Чин ёр бало келганда намоён бўлгай.

* * *

Ўтган кеча менга иқбол ёр эди,
Кўлимда яноғи олмаси бор эди.
Чоғланган эднм ўпгали, воҳ, уйғондим,
Бир бўса хуморида дилим зор эди.

* * *

Умр — қисқа экан, шодликнинг додини бер!
Ой чиқса, Сурайёни фалак ҳайдади кўр!
То тонггача ёт уйқу ширинлик қилса,
Бомдод қазо бўлса, эрурсан маъзур.

* * *

Савдосини солди юрагимга ул шўх,
Сиймосини нақш этди кўзимга — нақ чўғ.
Бошимни фидо қилай оёғига унинг,
Бошсиз яшаса бўлар, ёрсиз эса йўқ!

* * *

Ҳуснини томошо қилди ойнада, бас,
Томоқ, лаб, оғиз, тиш — бари қўзғанди ҳавас.
Бир сўзи қулоғимга чалинди шу нафас:
«Жон келса-да лабга, лабга ҳеч етган эмас!»

* * *

Кўйингда бошимни қилмагунча қурбон,
Қўлим ҳеч узилмас этагингдан, жонон.
Сенинг сари йўл узоқ ва оғир чандон,
Ўлсам-да бу йўлда, тўхтамасман бир он.

* * *

Эй тунни юзи ёритгучи моҳталъат,
Тун-кун сен ила бўлса киши, не давлат!
Йўқ дунёда сен каби чиройли хилқат.
Ҳеч ҳожат эмас сенга бўёқ, зеб-зийнат.

* * *

Ё силта жаҳонга қўл-у, хилват хоҳла!
Ё ишқ уйини ўрта бир ўтлиғ оҳ-ла!
Ошиқлик ила гўшанишинлик мосмас,
Чок бўлмаеидан парда кўзингни боғла!

* * *

Ишқимнн ҳасад аҳли ҳавасга йўйишар,
Ўткинчи ҳавас бандаси деб айб қўйишар.
Асли менинг ишқимни кўролмай куйишар,
Ҳусн аҳлини, чунки ўзлари ҳам суйишар!

* * *

Ишратда яшар ким молу давлатга эга,
Билмас у гадо оҳи сабабини — нега?
Жайхуну Фурот тўлиб зилол сув оқади,
Саҳродагилар зор уни бир қатрасига!

* * *

Орзум эди зулфинг тузоғи, севарим,
Енгил қилиб оғирингни, жабринг чекарим.
Хоҳ жону дилимни иста, хоҳ сийму зарим,
Ҳар не тиласанг, қилиш муҳайё ҳунарим.

* * *

Бедор ўтади узун бу тунлар, бедор,
Тонг чоғи болишга бош қўярман ночор.
Кўз уйқуга кетди бир кўрай деб ёрни,
Шундай деб ўзимни овутаман бекор.

* * *

Ҳар лаҳза юзинг гулига тушса назарим,
Наргис каби юмилмаса, дейман, басарим.
Сенсиз суману арғувон ичра гузарим -
Гар бўлса-да, йўқ бинафшадек бош урарим.

* * *

Мен шунчаки келмадимки, чўлни кўраман,
Ё сув бўйида ҳавас қилиб ўлтираман.
Сен дашту даладан гулу лола терсанг,
Мен бўлса, сенинг юзинг гулини тераман!

* * *

Ҳурдек у санамни(нг) қадду бастини кўрай!
Ойдек юзини, кўзлари мастини кўрай!
Кўрмоққа яқиндан уни йўл бермасалар,
Майлига, узоқдан дилни дўстини кўрай!

* * *

Бир кун келар у менга қилиб лутфу карам,
Жонимга ёқар босгани ҳар битта қадам,
Кўздан яширин бўлса-да ҳарчанд у санам,
Қайга қарамай, кўриб турарман уни ҳам.

* * *

Шу қоши қаламни(нг) зулфи қотил чинакам,
Лекин чўчитолмас қилиб у жабру ситам.
Лаълидан олурман икки-уч бўта бу дам,
Ўлдирсин-у ўлдирса, йўқ айбим сира ҳам.

* * *

Мен ўзга билан қилмасман аҳд-паймон,
Ошиқ унутарми севганини осон?
Мен сенга берай дилимни жон роҳатисан,
Дил сендан узиб, кимга берарман, жонон?!

* * *

Ҳар кун нозу лутфинг мени баттар ўртар,
Ҳар кун тўлишар ҳусну жамолинг, дилбар.
Қозпга олиб борай, десам, қўрқарман,
Қозини(нг) дилини-да оларсан яксар.

* * *

Дил кетса-да, ҳеч кўзни бўларканми тикиб,
Зуҳдинг йўқ эканми, йўқ демак макру фириб.
Кўмдирган эмас бечора парвонани шамъ,
Куйдирган Ўзи шамъ ҳуснини афзун қилиб!
 
ФАРДЛАР

- Эргаш Очилов таржималари -

* * *

Балолар домида қолсанг, Худо номини тутгайсан.
Агар ҳал бўлса мушкулинг, яна Ҳақни унутгайсан.

* * *

Шундай дейишар ,экан бир қавми араб:
Насли тутасин, агар туғилса беадаб!

* * *

Эй бўри, кучингга бўлма мафтун,
Юз бергусидир додингнн бир кун.

* * *

Худони эсла доим соғу бою шод юрганда,
Дилу жондан Худо дейсан, ахир, бахт юз ўгирганда.

* * *

Ким кучлию қудратлию ҳам паҳлавон?
Ўз нафсини енголган одам паҳлавон!

* * *

Инсофга кириб, ким хайр учун боғлар бел:
Топсин уни(нг) хайридан мадад муҳтож эл.

* * *

Бойлик ва амал — нокас учун оламда,
Ов чоғида ит яхши, ахир, одамдан.

* * *

Қилган кишини кўрмадим ишқинг туммор,
Қуллуқ қилишар сенинг қошингда ночор.

* * *

Кетмас давлатни берса тоат ила хуш,
Наф қилса мусофир молу давлат ила хуш.

* * *

Воиз нетар эл қилмаса пандини қабул?
Пайғомни этишса рад, гуноҳкорми расул?

* * *

Ёр кўйида қатъ айладик қанча манзил,
Мен берган эмасман, ўзи олди кўнгил.

* * *

Калхат, деса, лочин қушини кимдаким
Кўзида унинг бир айби бордир балким.

* * *

Йўл юрсанг агар, йўлдан иборат олам,
Чоҳ кўргуси ҳар қадамда қўрқоқ одам.

* * *

Олам эли ёр бўлишини истаса табъ,
Муомала қил барчани(нг) феълига қараб.

* * *

Дарёга тушиб, агар чўкар бўлса киши,
Оёғу қўлига зўр бериш бўлгай иши.

* * *

Тиш бўлмаса, бурда нонга ҳам сабр этасан,
Ноннинг ўзи бўлмаса агарда нетасан?!

* * *

Султон иши шу: ҳар куни фармон чиқарар,
Халқи бажаролмай уни сочи оқарар.

* * *

Бир-бирни аянг, кўнгилга берманг озор,
Яхши гина-кудратдан аҳиллик минг бор.

* * *

Дедимки: умид қудуғидан сув чиқади!
Афсуски, челакни-да ютиб кетган эди...

* * *

Тинчингни бузувчи ҳақиқатдан бегумон,
Кўнглингга ёқувчи ёлғон яхши, ишон!

* * *

Манзилидан ўтса-да фақирларнииг шоҳ
Бир четига бўйрасин ўтирмас ҳеч гоҳ.

* * *

Кимнинг кўзига кўринса халқ хор,
Қолмайди улуғлик унда пойдор.

* * *

Мурувват қолмаса, айниса очун,
Чумоли рпзқига кўз тикар лочин.

* * *

Жўмард еса бегонаю хеш ташвишини,
Номард эса ўилайди фақат ўз ишини.

* * *

Бу тоифа кунни айш ила тунга улар,
Фарқ этмаса оч тун ила кунни, не билар?

* * *

Қудрат ила ўлчама одам мардини,
Ким зулм тпғини ушатса, бил мард уни.

* * *

Бир кимсани(нг) кўнглини олиш мақсадида,
Ўзга кишини ранжитиш бемаъни жуда.

* * *

Кўр: бўри агарчи эчкию қўйларни урар,
Шер бир куни муттахамни(нг) қорнини ёрар.

* * *

Такрорлади бир сўзни улуклар беадад:
Бу халқ азал бор эди, бўлгай то абад!

* * *

Дарвеш тўнига қуёш пинҳон бўлса,
Ҳайрат жойимас, булут хукмрон бўлса.

* * *

Ишонма зоҳирига, ботини балки ёмон бўлгай,
Заҳар баъзан ширин ҳалвонинг ичинда ниҳон бўлгай.

* * *

Ит бўлса кичиклигида мурдор,
Улғайса, шу феъл бўлар намудор.

* * *

Душман ўлганига бўлма мамнун,
Ҳеч ким бу жаҳонга бўлмас устун.

* * *

Гар бўлса ўтинлар бари уд, тош эса дур,
Тўймайди кўзи очнинг кўзи барибир.

* * *

Нокасга насиба берма, кучга тўлади,
Бўри тиши тез бўлса, қон кўп тўкади.

* * *

Қайдан билади уйқучи масту хуммор,
Ўтказганини бемор тунни бедор?

* * *

Икки ошиқ бирга қувонса яхши.
Икки ўтин қўшилиб ёнса яхши.

* * *

Шукр эт, уйдасан, аҳли аёлинг қошда,
Бечора мусофирнинг аҳволи бошқа.

* * *

Ёритмас агар лутфи чироғи йўлини,
Топмас киши ўз жаҳди билан манзилини.

* * *

Ҳар ким етук олим, комил инсон эса боқ:
Кафши унинг эски-ю, тўни қирқямоқ.

* * *

Уч тоифа дунёда чиқаргай донглар:
Пайғамбару мискину улуғ инсонлар.

* * *

Толеъ нури кўзларингни этсин равшан,
Дўст кўрса қувонсин, куйиб ўлсин душман!

* * *

Сен ухлаганингда биз паришон бўлдик,
Уйғондинг-у, биз тирилдик — хандон бўлдик.

* * *

Тортишади асли хунук юзга ниқоб,
Сен тўсма гўзал юзингни асло, моҳтоб!

* * *

Шамънинг шуъласи агар баланд бўлгайдир,
Хавфим шуки: бир кун уйинг ўт олгайдир...

* * *

Яхшилик яхши — кил қўлингдан келса,
Маълумдир ажри ким ёмонлик қилса.

* * *

Гар зоҳиду ринду фосиқу пок бўлиш —
Имкони қўлингдамасми, маъзур бу иш.

* * *

Нафс ором олар хоҳ қасру хоҳ ғорда, рости,
Жой танламас уйқу: тахтда ё девор ости.

* * *

Сен мазҳабини кимнинг агар дўст тутасан,
Ё шартига кўнасан ва ё тарк этасан.

* * *

Афсусу надомат билан ўтказма умр,
Ҳар лаҳза азиз, вақт мисоли шамшир.

* * *

Бечора, фақирларга қилинг лутфу карам,
Бечорадир Оллоҳ олдида барча одам.

 
«СОҲИБИЯ»ДАН

- Шоислом Шомуҳамедов таржималари -

* * *

Минбарнинг пойида турса ҳам эшак,
Тарбия юқмайди, бўлмайди одам.
Тарбия кўрмайин улғайса киши.
Эшак бўлиб қолур юзга кирса ҳам.

* * *

Ҳовончага дедим: «Додинг кўп баланд.
Айт, кимдан чекасан бунчалик фарёд?»
Деди: «Не тил билан айтай, эй Саъдий,
Зарбни ўз ёримдан ейман умрбод!»

* * *

Фақат хуш кўнгилдан изла яхшилик.
Тинчлик сармоясин изла аввало.
Суст қўлда тез қилич ярақлай олмас,
Бузуқ дилдан чиқмас яхши сўз асло.

* * *

Тинчлик мулки эрур мевадор дарахт,
Мевасига айланг қаноат чандон.
Фақат бир мартаба тотар мевасин
Дарахтни илдиздан қуритган нодон.

* * *

Одам эрсанг, фақат яхшилик иста,
Сени фарқ этсинлар токи ҳайвондан.
Ҳайвондан сени ақл ажратиб турсин,
Йўқса, у қудратда зўр-ку инсондан!

* * *

Беадабликда агар машҳур киши,
Хайр кутма ундан ортиқ сен ҳечам.
Сув агар ошса бошингдан — барибир:
Бир қаричми, найза бўйми, минг қадам.

* * *

Дарвеш қоқиб ўтса эшигинг бир бор,
Унга эшик кўпдир, сен емагил ғам.
Сенга «сир» айтганга ишонаверма,
Сенга айтган айтар бошқаларга ҳам.

* * *

Ақлли кўрса гар нодондан жафо,
Қаҳри оловланмас, дилга солмас ғам.
Арзон тош синдирса зар косанн гар,
Тош нархи ошмайди, олтпн бўлмас кам.

* * *

Фойда бермас улкан аъзолар ҳечам,
Ақлсиз, ҳунарсиз бўлса гар одам.
Бизникидан катта ҳўкиз кўзлари,
Узунроқдир эшак қулоқлари ҳам.
 
 
ҲИКМАТЛАР

- Шоислом Шомуҳамедов таржималари -

Икки киши ўртасига ўт ташлар кези,
Бу ўртада ақлсизнинг куяди ўзи.

* * *

Доно киши вужуди мисоли зару тилло,
Ҳар қаерга борса ҳам қиммати тушмас асло.

* * *

Чумоли ёз бўйи йиғар емак-дон,
Токи қишда уйи бўлсин фаровон.

* * *

Ҳаракат бўлмаса, бўшаб кишани,
Орзуга етолмас полвонлар тани.

* * *

Ҳар ишдаким, инсон кўрсатур ҳиммат,
Тикан ҳам гулдаста бўлур оқибат.

* * *

Чин азму ҳаракат қилмай муттасил,
Ҳеч кимса муроди бўлмади ҳосил.

* * *

Эрта кун арпага зор бўлмай десанг.
Бу кун эк, шоядки, буғдой нон эсанг.

* * *

Машаққат чекмаган топмас хазина,
Тун ортидан кундуз келар ҳамиша.

* * *

Бўлса бир ҳунаринг, агар юз айбинг.
Дўст наздида ҳунар ёпар юз айбинг.

* * *

Бир хунар эгаси бўлса одам гар,
У эмас, кўрсатур ўзин шу ҳунар.

* * *

Бани одам илмдан топмиш камол,
Бекор бунда мансабу бойлик ва мол.

* * *

Бор нарсангни бериб, бамаънилик ол,
Барчаси кетса ҳам, шу абад қолур.

* * *

Истар этсанг отангдан мерос,
Боғла отанг илмига ихлос.

* * *

Устод еуҳбати жон озуғидир.

* * *

Билим мезонида сўзинг ўлчаб ол,
Илмсиз гап бари шамолдир, шамол.

* * *

Харчанд ўқибсан — билимдонсан,
Агар амал қилмадинг — нодонсан.
Устига китоб ортилган эшак
На олим ва на донодир бешак.

* * *

Нодон қулоғига панд худди қафасда шамол,
Оламнинг насиҳати галвирдаги сув мисол.

* * *

Қачон охирга отам умри етди,
Насиҳат сўзни менга айта кетди:
Дедиким, шаҳват ўтдир, айла парҳез,
Ўзингга дўзах ўтин айлама тез.
Ул ўт куйдирса, бўлғай тоқатинг тоқ,
Сабрдан сув уриб, махв айла ёш чоқ.

* * *

Тушундим, падаринг экан кўп фозил,
Отанг камолидан сенга не ҳосил?

* * *

Ҳамма инсонлар ҳам одамга фарзанд,
Бири яхши, бири ёмонликка банд.
Бирисидан топмас чумоли озор.
Бирисида итдан камроқ номус-ор.
   
* * *

Бирлашса чумоли иттифоқ бўлиб.
Арслон терисин олажак шилиб.

* * *

Дўстлик, садоқатга белингни боғла,
Кина маломатдан тилингни бовла.

* * *

Бу бўстонда дўстлар этмаса кўмак,
Насиб бўлмас мақсад гулини термак.

* * *

Дўстинг бўлса душман билан ҳамнишин,
Ундан қўл ювмоқни оқиллик дегин.

* * *

Дўст олдида бандда бўлса ҳам оёқ.
Ўзга билан гул сайридан яхшироқ.

* * *

Пиёдадан бўлмас отлиқ хабари,
У оҳиста борар, пиёда чопиб.

* * *

Тез тугалмайдир қадимий ошнолар суҳбати,
Сувни гар минг пора қилсапг ҳам, қўшилгай оқибат.

* * *

Тавозеъдан эрур дўстлик мояси.
Ундан олийнишон бўлур пояси.

* * *

Гар душман неча бор бўлса ҳамки дўст,
Дўстлар ҳисобига қўшмайди оқил.

* * *

Дўст кўнглин овлаш учун бирма-бир,
Отанг боғини сотсанг ҳам арзир.

* * *

Яхши дўст айбингни мисоли кўзгу
Юзма-юз ўзингга очиқ айтади.
Ёмон-чи, тароқдек минг тили билан
Сочдан сочга иғво қилиб қайтади.

* * *

Ёр улдир, кўнса гар ёр жафосига,
Орзусин кўндирса ёр ризосига.

* * *

Доно душман баланд кўтарар чандон,
Ерга урар сени дўст бўлса нодон.

* * *

Йўлингда чуқурни кўрсатган инсон,
Наздимда ҳакиқий дўстинг, бегумон.

* * *

Тинч битар ишга ҳам қилаверса жанг,
Демак, ул одамнинг ақлин босмиш занг.

* * *

Филдек зўр бўлсанг-у, шсрдек уришқоқ,
Наздимда жангдан сулҳ минг бор афзалроқ.

* * *

Сулҳ истар кишининг кўнглин синдирма,
Сулҳ эшигин қоқса, сен жанг қидирма.

* * *

Сен ўлдирмасанг ёвни жангда дадил,
Сени ўлдирар у, буни яхши бил.

* * *

Истасанг дарддан дилинг озодлигин,
Ўйла ўзгалар дилин ободлигин.

* * *

Мол-дунё қўлга киргизмоқ ҳунармас,
Қўлингдан келса гар бир дилни овла.

* * *

Ёмонга яхшилик қилмоқ ёмондир,
Буни яхши билар ақли расолар.
Бўрига яхшилик — қўйлар бошига
Кетургай қанчадан-қанча балолар.

* * *

Гар иш битса лутфу яхшилик билан.
На ҳожат жанжалу ур-сур қилишдан.

* * *

Агар дур бўлсайди ҳар қатра шабнам,
Дурга тўлар эди мунчоқ бозор ҳам.
Яхшилар кетидан агар чопарсан,
Истагинг, бахтингни шунда топарсан.

* * *

Мулойимлик билан юрмаса иши.
Ночор дағалликка киришар киши.

* * *

Кимки кечирмаса ўзини ўзи,
Кечирмас ўзга ҳам келганда кези.

* * *

Яхшига яхши бўл, ёмонга ёмон,
Гулларга гул бўлгин, тиконга тикон.

* * *

Гар кўрсанг кўр киши олдинда чохдир.
Индамай ўтирсанг, катта гуноҳдир.

* * *

Ёмонликни кўрмасанг ўзингга раво,
Бировга ҳам уни қилма, биродар.
Агарда ўз онанг иззатин қилсанг.
Қил менинг онамни сўкишдан ҳазар.

* * *

Ҳар кимки сендан қўрқувда бўлса,
Ундан тинчлик кутиб, бўлмағил ғофил.
Чаён санчар экан одамга нишин,
Кўпинча қўрқувдан санчар, яхши бил.

* * *

Ҳар жойда ёмонлик ўргатар ёмон,
Хас чўпга ёпишар ғарқ бўлган инсон.
Ёмон кишиларга ҳамроҳ бўлмагил,
Қорасин юқтирар мисоли қозон.

* * *

Бемурувват, хунук арига айтгил:
Асал-ку бермайсан, нишингни санчма!

* * *

Ёмон-ла ўтирма, ёмон суҳбати
Табъингнн кир қилур, поклик офати.

* * *

Ёмон билан ўтирган инсон,
Бир яхшилик кўрмас ҳеч қачон.

* * *

Ким меҳр кўргазди йиртқич бўрига,
Ситам-ла шўр қўшди қўйнинг шўрига.

* * *

Ростликдан бош тортмас ҳеч доно инсон,
Ростликдан одамга келур ардоқ, шон.

* * *

Дил, агар ростликни этсанг ихтиёр,
Дунё халқи сенга бўлур дўсту ёр.

* * *

Покиза бўлмаса кимнинг қилмиши,
Ҳикмат сўзи билан тузалмас иши.
Нур ёғар насиҳат сўзламаса ҳам,
Туриши ибратдир покиза киши.

* * *

Қошнинг ростлиги эгрилигидир.

* * *

Жаҳонда тўғриликдан яхши иш йўқ,
Тўғрилик гулида тикану ниш йўқ.

* * *

Эй биродар, ёлғон гапирма зинҳор,
Ёлғончи бўлур кору беэътибор.

* * *

Ёлғон бевиқор қилур одамни,
Ёлғон шармисор қилур одамни.
Ёлғончидан ордир оқиллар иши,
Ёлғончини одам демас ҳеч киши.

* * *

Одам тани жон билан шарафлидир ягона,
Зебо кийим эмасдир инсонликдан нишона.

* * *

Нодонлардек юзлаб сўзни қилма қатор,
Донолардек бир сўз дегил, лек маънодор.

* * *

Тилига ўтказолмас эрса ҳукмин,
Ўтирсин гунгу лол бурчакда мискин.

* * *

Қаноат яхшидир кеча-кундузи,
Қаноатли зотнинг ёруғ юлдузи.

* * *

Айём гардишидан кўп бўлма диққат,
Сабр ўзи аччиғ-у, меваси лаззат.

* * *

Ақлли бўлади жаҳонгашта хўп,
У совуқ-иссиқни тортиб кўрмиш кўп.

* * *

Дўкону уйингдаи чиқолман бир он,
Харгиз, эй хом одам, бўлмадинг ннсон.
Чиқиб энди сен ҳам кезгил жаҳонни,
Бўшаб қолмасидан сендан бу жаҳон.

* * *

Бир кун почор йиқилмоғингни билсанг,
Ўтирма кўп баланд, пастроқ ўгир сал.
Учиб отдан бўйин, бел синганидан,
Пиёда юрганинг афзал, минг афзал.

* * *

Манманлик, кибру ҳаво қилмасин бошингни банд,
Баланд бўлмак истасанг, тутмагин ўзни баланд.

* * *

Гадога бир дирам кумуш бўлса бас,
Сулаймон Ажамнинг мулкига тўймас.

* * *

Очофат аҳлига раҳм этма зинҳор,
Очофату мечкай одам доим хор.

* * *

Оч ичакни тўйғизар битта ноннинг овқати,
Оч кўзни тўйдиролмас бутун олам неъмати.

* * *

Ўтиргил очу бечора, яланғоч,
Вале нокасга асло бўлма муҳтож.

* * *

Бошқалар молига кўнгил қўймагил,
Сўнгра кўнгил узмоқ жуда ҳам мушкил.

* * *

Тамаъ аҳлин кўзи дунё молига
Тўймас — тўлмагандек шабнамга қудуқ.

* * *

Ваҳшат билан кўкрак керган йўлбарс ҳам,
Сичқондек қопқонга тушар ем излаб.

* * *

Эй ғофил, кўп ўнлаб фойда-ю мол,
Умринг сармоясин айлама поймол.

* * *

Ер юзининг неъмати оч кўзни тўйдиролмас,
Хирмон-хирмон дон ғалвир кўзларин тўлдиролмас.

* * *

Май ичишар ёноқ бўлсин деб зебо,
Охири у юзни қилар каҳрабо.

* * *

Асали арзимас ниши заҳрига.

* * *

Халққа тарки дунё қил, деб ўргатар,
Лекин ўзлари-чи, дону пул йиғар.

* * *

Ярашган ишни қил, қўлдан келганини эмас.

* * *

Ташна одам кўзин гар босса уйқу,
Тушига киради бутун олам сув.

* * *

Чопқир отлар кўпи йўлда ўлиб кетди.
Оқсоқ эшак манзилига бориб етди.

* * *

Аҳмоққа мақтов ёқади.

* * *

Нокасга йўл кўргазмоқ
Кўрга чироқ тутмоқдир.

 
«ГУЛИСТОН»ДАН

- Сайфи Саройи таржималари -

* * *

Фитна юзли рост сўздан бўл йироқ,
Маслаҳатли ёлғон андан яхшироқ.
Оқил ул сўзни ўринда сўзлагай,
Ҳам жавобини муносиб кўзлагай.
Ким мухолиф бўлса султон сўзина,
Келтурур ул кўб балолар ўзина.

* * *

Эй неча бекни, маликни ўйла ебтур бу жаҳон -
Ким, алардан ер юзинда қолмади зарра нишон.
Хайр қил, эй неъмати кўп хожа, сен андин бурун —
Ким, юруб деган мунодий: «Қолмади хожа фалон!»

* * *

Сиғар бир ҳужраға ўн икки меҳмон,
Бир иқлима сиғишмас икки султон.

* * *

Бу замона зоҳидин кўр: Каъбаға ортин бериб,
Юз халойиққа тутуб, дойим қилур ботил намоз.
Зоҳид улдурким, таваккулнинг мақоминда туруб,
Туну кун қилғай ибодат, дам-бадам узру ниёз.

* * *

Қилиб тавба қутулмоққа бўлур Тангри азобиндан,
Ва лекин бу халойиқнинг тилиндан қуртулуб бўлмас.

* * *

Эшик боғлаб ўтурма ул сабабдан,
Кўрунмасун дею бу мендаги айб.
Эшикни боғлаб ўлтурмоқ не хожат.
Бу ҳолингни билур ул олим ул-ғайб.

* * *

Тилар бўлсанг насиб олмоқ саодат кимёсиндан,
Қаноат гўшасин тутқил, кечиб дунё сафосиндан.
Муҳаққиқларнинг оғзиндан неча навбат эшиттим мен:
Фақир эр сабри ортуқдур ғанийларнинг атосиндан.

* * *

Йўлунгда дину дониш тарк этибман,
Бу меҳрингни кўнгулда берк этибман.
Мен ул қушман — нечалардап қутулған,
Сенинг ишқинг тузоғина тутулған.

* * *

Ҳожат тилама хасис эрдан.
Буғдой тамаъ этма шўра ердан.
Жафоларға таҳаммул қил, тиласанг —
Юзунг Тангри қатинда оқ бўлғай.
Бу кўп туброқ бўл, андан бурунроқ -
Ким эрта гул тапинг туброқ бўлғай.

* * *

Чун андан ўзга фонийдур билурсан,
Бурунғиларнинг ортинча юрурсан.
Бу манзилга адамдан ҳар ки етти.
Кафандан ўзгасин қўйди-ю кетти.

* * *

Аё, таши риё бирлан безанмиш,
Ичинда заррача йўқ майли тақво.
Алингда бор эса, кўргуз валоят,
Йўқ эса, не керак бу лофу даъво?

* * *

Тушуб бир кун отиндан, бу масални
Бадиҳа назм этти Хожа Исҳоқ,
Жаҳон севган кишининг кўзларини
Қаноат тўлдурур ё ўлса туброқ!

* * *

Кима замона жафо қилмаға тилар бўлса,
Берур хилофи муродин анга келиб айём.
Кўгарчин ўз ватанини яна қачон кўргай,
Қазо анга қилур эса насиб донаи дом.

* * *

Ажалсиз одамий ўлмас, дейиб сен
Йилонни қуйруқиндан тутма зинҳор.

* * *

Кўзун боғлар дароҳим оқил эрнинг,
Тамаъ солур учар қушни тузоққа.

* * *

Мағрур бўлуб сен ўз-ўзунгга қолма,
Душманни жароҳат эттинг, эмин бўлма.

* * *

Душман назаринда қилмағил қайғунг ёд,
«Ло ҳавлу ва ло...» дегай, дағи бўлғай шод.

* * *

Ҳар кимни кўнгул тиласа, кўркли улдур,
Ишқина ҳамиша жон ичинда йўлдур.

* * *

Айтти: «Оқар тенгизни тийса бўлур ва лекин
Ҳар муддаий тилини тийса бўлурми? Бўлмас...»

* * *

Ориф билан ўлтурмоқ жоҳилга эрур зиндон,
Жоҳил била ўлтурмоқ орифга жаҳаннамдур.

* * *

Гар кириб жаннатға сен қилсанг қарор,
Ўзгалар қилғай тамуғни ихтиёр.

* * *

Кўнгулни боғлама бир ерга зннҳор,
Яна мушкулдур андан олмоқ, эй ёр.

* * *

Мен керак ўлгай эдим, эй гулбадан, сендан бурун,
То кўзум сенсиз жаҳонни кўрмагай эрди бу кун.

* * *

Кузатур ўзга айбин — сен ани кўр.
Магар ўз айбина дойим кўзи кўр.

* * *

Жаҳон хопининг алвон неъматиндан
Беш-олти луқма едим, айттилар: бас.

* * *

Бир кишининг тишин чекиб жарроҳ.
Чиқарур бўлса, бил недур ҳоли.
Кел, қиёс эт, не бўлғай ул соат
Тотли жон чиқса, қолса тан ҳоли.

* * *

Вафо истамагил булбулдан, эй ёр —
Ки, ҳар бир гул уза юз турли сайрор.

* * *

Ўзунгдан эйгу бирлан ўлтуруб-тур,
Ёмон эр бирла қилма умр зоеъ.

* * *

Қари бўлдунг — йигитликдан алинг юв,
Биларсанким, яна қайтмас оқар сув.
Йигитликни йигитларга қуюб кет,
Бу кун тонгда ужун кўб эйгулук эт.

* * *

Онаси инжиниб, Рустамга айтти:
«Аё, кўрган ўзун ҳайбатли арслон,
Агар бўлса эди ёдингда ул кун —
Ки, алимда эдинг бир яшар ўғлон.
Бу кун бўйла менга жавр этмас эдинг
Ки, сен бир паҳлавон, мен бир қари жон».

* * *

Ё вафо йўқтурур бу оламда,
Ё киши қилмади жаҳонда ани.
Мендан ўқ илмин ўтраниб кеткан,
Оқибат қилди ул нишона мани.

* * *

Бошимиз устунда бу халқи жаҳон
Сайр этгайлар ер узра кўб замон.
Алдин-алга келди бизга мамлакат,
Айла ҳам кеткай келиб алдан равон.

* * *

Қайси фақири қонеъ тақво билан тирилса,
Топса ажаб дегулдур ҳазратга ул куни йўл.
Қўрқса вазир Ҳақдан, қўрққан бикин маликдан,
Топуб мақоми олий бўлган малак сифат ул.

* * *

Етганинча кучунг кўнгул ёбқил,
Ким халойиқ сенга дуо қилғай.
Тушкап эр ҳожатин раво қилсанг,
Ҳақ сенинг хожатинг раво қилгай.

* * *

Қачон фаҳм этмаса ўзни эшиткан,
Сўз айткан эркинг анда ёзуқи йўқ.
Иродатнинг қулоғин сўзга тутқан
Киши бу маърифатдан ҳазз олур чўқ.

* * *

Тиласанг маърифат нурин кўрарга,
Ичинг холи керак бўлса емактан.
Қачон бўлғай мунаввар ботинингким,
Емакдан бурнунга тегру тўлусан.

* * *

Бир итни етти тенгизда ювса,
Чун бўлди ўша палидрактур.
Исо эшакин Ҳижоз элтиб
Кетурса, яна ҳамон эшактур.

* * *

Шом элинда фитна қўбти бир замон,
Ўйлаким, бўлди жаҳонда достон.
Халқи кетти хонумонин тарк этиб,
Еттилар ўзга вилоятқа келиб.
Топти эрдамли киши анда шараф,
Эй неча эрдамсиз эр бўлди талаф.
Бўлдн эрдамли фақир ўғли вазир,
Қолдн эрдамсиз вазир ўғли фақир.
Эрдам — эрнинг давлатидур, бил яқин —
Ким, тутанмас мол эрур матлаблайин.

* * *

Кичиликда адаб ўгранмаган эр,
Улу бўлса, бил, андин хайр келмас.
Эгулур ёш ағоч нечук тиласанг,
Қури згри ағоч ўтсуз гузалмас.

* * *

Бир ўғлин бир малик мактабга берди,
Мурассаъ эрди олтун лавҳа нақши.
Муни лавҳинда ёзди котиб аввал:
Ота меҳридан устод жаври яхши!

* * *

Эй ҳазин кўрган ўзгадан устод,
Не эди аввалинг, қил охир ёд.
Илк бир қатра сув эди исминг,
Бўлди қирқ кунда сурати жисминг.
Эмди бўлдунг бу кун баҳрдур эр,
«Паҳлавони жаҳон», сенга эл дер.

* * *

Ҳар ки нафсин енгар — баҳодур ул,
Паҳлавон бўлсанг, анинг беки бўл!

* * *

Бўлмаса қирқ яшарда ақлу адаб,
Дегул инсон десанг ани, не ажб.

* * *

Эрлик ул иш дегул, кўнгул ёққай,
Ё киши айбини кўруб чиққай.

* * *

Сахийларнинг алипда бир дирам йўқ,
Ғанийларда дароҳим чўқ, карам йўқ.

* * *

Кишига қилма шикоят жаҳондан, эй дарвеш,
Туруб-юруб қиладур шукри неъмати Мавло.
Алингда, чунким, аё хожа, молу неъмат кўб,
Едур, бағишла, тиласанг саодати уқбо.

* * *

Ичириб элга қошуқ бирла шўрба,
Чўмуч сопи билан кўзин чиқарма.

* * *

Ёмонга эйгулук қилсанг, сунуб қўл,
Алингдан давлатинг олмоқ тилар ул.

* * *

Алинг юв ул мунофиқ дўстданким.
Юрур душманларинг бирлан бўлуб ёр.

* * *

Одамий кўнглин йиқар сўз сўзлама,
Сулҳ эясиндан хусумат кўзлама.

* * *

Душманингни кўруб фақири ҳақир.
Лоф уруб, бурмағил бийик зинҳор.
Ҳар сўнгакнинг бўлур ичинда илик.
Текма, кўнглак ичинда бир эр бор.

* * *

Қил ҳазар душман сўзиндан, эй рафиқ,
Неким ул айтса, анииг сен аксин эт!
Кўргузурса соғ ёна йўл сенга,
Сен анинг сўзин зшитма, сўлга кет!

* * *

Яҳудий бир мусулмон эр билан сўзга келиб бир кун,
Хилоф узра чекиштилар нечаким бор эди имкон.
Мусулмон онт ичиб, Тангрп каломининг уза айтти:
«Яҳудийман — бу қавлимнинг ичинда бор эса нуқсон!»
Яҳудий эр дағи онтлар ичиб Таврот уза айтти:
«Мусулмонман — агар бўлса сўзумда заррача ёлғон!»
Агар бу ақл дунёдан чиқиб кетса, яқин билким,
Тасаввур этмагай ҳаргиз ўзин бир одамий нодон.

* * *

Аё, келгин жаҳонга, эйгулук эт,
Ёмон ишни ёмонларга қўюб кет.

* * *

Ўн киши бир суфрада емак ер, дағи ортар,
Икки ит бир мурдор учун бир-бирин йиртар.

* * *

Ғанийдир улки, қаноат ичинда сабри чўқ,
Жаҳонда сабру қаноат бикин маишат йўқ.
Ҳарис еса жаҳонни — ҳануз очу фақир,
Ҳамиша аҳли қаноат бир ўтмаги била тўқ.

* * *

Қачон сендан биликли эр очиб оғзин сўза келса,
Неча яхши билур бўлсанг, сўзина эътироз этма.

* * *

Кишининг фазлу миқдори бўлур маълум бир кунда
Ва лекин нафси хубсини боқиб йиллар билиб бўлмас.

* * *

Сен сени доим кўрарсан ўзгалардан ортуқ эр,
Ўйлаким, аҳвал киши бирни боқиб, икки кўрар.
Бош урушмағил урушчи паҳлавон қўчқор билан.
Чун билурсанким, урушсанг, ул сенипг бошинг ёрар.

* * *

Не турурсан боқиб, аё йўлдош,
Тош узадур йилон, алингда тош.

* * *

Хуш айтти муни ул адиби зариф:
Маликка бўлурми қаландар қариф.
Ўз али билан ўз қўлун синдурур,
Қавий бирла панжа тутушқан заиф.

* * *

Эй ўзун кўрган неча бир дегасен —
Ким, фалон аллома муфти ўғлиман!
Бор эса бу қавлунгга келтур далил,
Гул тикандан келди, Озардан Халил.

* * *

Сен ани бир сўз била синдурмағил, эй ёри чуст—
Ким, пиёла синса, мушкулдур яна қилмоқ дуруст.

* * *

Кўзунг оч уйқудан, эй одам ўғли.
Сенки кимдан кесиб, кимга тузубсан,
Хато сўзни эшитиб душманингдан.
Керакли дўст аҳдини бузубсан.

* * *

Ҳасуд эрга бало келеуп демаким.
Анинг узра ҳасад оғир балодур.
Не лозим сен анга душман бўлурсан,
Учунгни чун ҳасад андан олодур.

* * *

Не қадарким беклар ошп тотли бўлса, эй қўноқ.
Ёрли йўқсулға қуру(қ) ўтмаги андан яхшироқ.

* * *

Мунофпқ суҳбатингда неъматинг ер,
Чиқиб душманларингга ғийбатинг дер.

* * *

Ор кўрма билмаганни сўрмаға,
Сўрмайинча илм ўгранмас киши.
Илм ўқуб, ҳар ким амал қилди эса,
Жаннат ичинда тафарруждур иши.

* * *

Эшитиб, тутмаса ҳар ким насиҳат,
Бўлур ул халқ аро дойим фазиҳат.

* * *

Эй нечаларни кўрубтур бу жаҳон,
Эй нечалардан дағи ортиб қолур.
Сен алардан олмасанг ибрат бу кун,
Тонг била сендан булар ибрат олур.

* * *

Фаридун хаймасининг теграсинда
Насиҳат ёзмиш олтун бирла наққош:
Ёмонға эйгулук қил, эй сахий эр,
Саодат эйгуларга бўлди йўлдош.

* * *

Мунда дойим эйгулук эткан киши,
Жаннат ичинда тамошодур иши.

 
- Огаҳий таржималари -

* * *

Эйки, султон олдида сўзинг топибдур эътибор,
Яхши сўз айтурни пеша қил ўзингга зинҳор.

* * *

Деди бир вақт бир ориқ доно
Семуз аблаҳга нуктаи марғуб:
Ки бедав от агарчи лоғардур,
Лек бордур семуз эшакдин хўб.

* * *

Мен онингдек кимса эрмасманки, ёвдин қочғомен,
Мардман андоқки, кўргунгдур танимни қон аро.
Ким урушға чиқғуси — кечмак керакдур жонидин,
Қониға қолғай черикнинг, гар қочар майдон аро.

* * *

Бўри фарзанди бўри бўлғусидур,
Нечаким одам ичра улғайсун.

* * *

Қилмадинг суратим ҳақир кўруб,
Манда мундоқ улуғ ҳунарни гумон.
Ориқ от иш кунида буткорур иш,
Бўлмас ул иш семуз ўкуздин аён.

* * *

Нуҳ ўғли бўлуб ямонлар ила,
Еди насли нубуввата барҳам.
Яхшилар изиға игорғон учун
Бўлди асҳоби Каҳф ити одам.

* * *

Яхши қилични кимса темурдин нечук ясар,
Нокас бўлурму тарбияту лутф бирла кас.
Ёмғур агарчи шаҳр ила саҳроға тенг ёғар,
Гулшанда лола, шўрада бутгуси хору хас.

* * *

Замини шўра сумбул бар кетурмас,
Нечукким тухм қилсанг жонфишонлиғ.
Ямонға яхшилиғ қилмоқ биайниҳ
Эрур яхшиға қилмоқлиғ ямонлиғ.

* * *

Кимсага гар дўст бўлса меҳрибон,
Душмани кўб бўлса, ондин не зиён.
Сипоҳ ҳолидин қилғил огоҳлиғ,
Ки шаҳ лашкар ила қилур шоҳлиғ.

* * *

Подшоҳеки, зулм этар бунёд,
Қилғай ўз мулку давлатин барбод.

* * *

Қорнинг тўқ эса, арпа нони яхши кўрунмас,
Гар оч эсанг, ой қурси киби хўб эрур ва соф.
Аъроф биҳишт ўлғусидур дўзах элига,
Жаннат элига бўлғуси дўзах вале аъроф.

* * *

Дарвешу ғанийдир бу эшикда туфроқ,
Ҳар кимки ғанийроқ, эҳтиёжи кўброқ.

* * *

Бир-бирга улус эрур аъзо,
Зоти бирдур бориға, эй доно.
Етса ҳар аъзоға агар озор,
Қолмағой ўзга узвларга қарор.
Ўзгалар дардидин эсанг беғам,
Лойиқ эрмас сени демак одам.

* * *

Эй амир, ўлмағил фақирозор,
Токай ўлғуси гарм бу бозор.
Гар санга жавру зулм эса марғуб,
Ўлганингдур тириклигингдин хўб.

* * *

Йўқтур жаҳон ичра манга асло бу дамдин яхши дам,
Ким неку баднинг фикридин кўнглумда йўқ бир зарра ғам.

* * *

Қарор тутмағай озодалар қўлида мол,
Нечукки, сув йўлиға монеъ ўлмағай ғирбол.

* * *

Аблаҳеким, ёқғой ул исроф ила кундуз чароғ,
Тездурким, қолмағой оқшом чароғи ичра ёғ.

* * *

Мумкин эрмаски, ташна қолғон эл
Шўр сувнинг лабиға келгайлар.
Бўлса ҳар ерда чашмаи ширин,
Халқ онга хужум қилғайлар.

* * *

Сипаҳдин агар зар тутулса дариғ,
Сипаҳ доғи чекмас адув сори тиғ.

* * *

Олса зар хизмат учун аҳли сипаҳ бергай бош.
Зар гар олмас эса, кетгай олиб ҳар сори бош.

*   * *

Шариф ондин эрур барча қутлар ичра Ҳумо
Ки, еб сўнгок, тиламас ҳеч жонварға изо.

* * *

Дурри нофеъ баҳр ародур бешумор,
Гар саломат истасанг, тутғил канор.

* * *

Дўст они дема, неъмат вақтида
Гар урар ҳар лаҳза лофи ёрлиғ.
Дўст улдур, тангдаст ўлғон чоғи
Дастгир ўлуб, қилур дилдорлиғ.

* * *

Юрма бепарво амал ичра агар оқил эсанг,
Токи дутиман тонмағай ҳаргиз шикастингға мажол.
Сен либосинг нок тут, андиша қилма кимсадин.
Йўқ эса гозур уруб, тош узра айлар поймол.

* * *

На журм кўрган экан мунъими карамосор,
Ки бандани назарида ҳамиша тутғуси хор.
Улуғлигу карам ул Тангриға мусалламдур,
Ки нон берур нечаким банда бўлса бадкирдор.

* * *

Неча йил бу байт фикрида эдим —
Ким, ўқур эрди они бир филбон:
Мўрни кўрсанг оёқинг остида,
Фил оёқида ўзинг қилғил гумон.

* * *

Биров икки кунгина шоҳ хизматига келур,
Учипчи кун шоҳ анга лутф ила нигоҳ қилур.
Кимки, қилса ибодат Худоға сидқ била,
Нетонг, юзига агар мақсад эшики очилур.

* * *

Хазар қил оҳидин дарвешларнинг,
Ёнар бир учқунидин жумла олам.
 
* * *

Вафо йўқ эрдиму оламда ҳаргиз
Ва ёхуд қилмади аҳли замона.
Ки ҳар ким отмоқ ўқ ўрганди мендин,
Мани ул оқибат қилди нишона.

* * *

Жаҳонда гар умиду роҳату ранж ўлмаса эрди,
Фалак бошидин ўтгай эрди фақр аҳли оёқи ҳам.
Вазирлар қўрқса эрди Худодин, ўйлаким, шаҳдин,
Бўлур эрди малак, балким малакнинг яхшироғи ҳам.

* * *

Бу неъматким, қўлунгла ер тутубдур,
Яқин билким, неча қўлдин ўтубдур.

* * *

Гар адув ўлса, анго бўлмасмен асло шодмон —
Ким, ўзим доғи жаҳонда қолмағумдур жовидон.

* * *

Кўполса эрди донолик била нон,
Топа олмас эди бир луқма нодон.
Етар нодонга андоқ ризқ ҳар дам —
Ки, донолар анго ҳайрон бўлур ҳам.

* * *

Ўзунгдин ўзгага кўз солмоғунг ҳеч —
Ки, то олдингда ўзлук пардаси бор.
Худобин кўз санго гар берса Тангри,
Ўзунгни кўргунг элдин ожизу зор.

* * *

Далқу таебеҳу мураққаъдин сенга йўқ суд ҳеч,
То ямон афъолдин пок ўлмайин беиштибоҳ.
Ҳожат эрмас суратинг дарвешлардек тузмакинг,
Сийратингни соф эт-у, бошингға қўй заррин кулоҳ.

* * *

Сен ўзуигни яхши қил, то бадсигол
Топмасун айбингни айтурға мажол.

* * *

Сен агар яхши бўлуб, олам сени деса ямон,
Яхшидур бўлсанг ямон-у, эл сени яхши дегой.

* * *

Бўлмаса дунё — бўлурмиз дардманд,
Бўлса — меҳриға бўлурмиз пойбанд.
Бу жаҳондин, кўр, ямонроқ йўқ бало,
Бўлса-ю-бўлмаса тортамиз ано.

* * *

Даҳр аро гар пир бўлсун, гар мурид,
Софдил бўлсун, нечуккнм Боязид.
Чунки дунё сори майл этти аён,
Сўнг халос ўлмоқ анго қилма гумон.

* * *

Кимки зоҳиддур, анга ҳожат эмас дунёю зар,
Зоҳид эрмас ҳар кишиким, қилса дунёга назар.

* * *

Элға дунёдин берурлар бимлар,
Ўзлари доим йиғарлар симлар.
Чун амал қилмас эса олим агар
Ўз сўзиға, айлағай кимга асар?
Олим улдурким, асар қилғай сўзи,
Демағай ул сўзниким, қилмас ўзи.
Қайси олимким, баданпарвар бўлур,
Ўзи гумраҳдур, нечук раҳбар бўлур.

* * *

Бадрўй хотуннинг эри яхшидур гар бўлса кўр,
То айласун онинг била кўрмай юзин завқи сурур.

* * *

Агар султон ғаний ва комрондур,
Ва гар дарвеш ҳожатманди нондур,

* * *

Икков ҳам элта олмас — жон берар ҳол:
Кафандин ўзга даҳр амволидин мол.
Чу- қилғунг молу мулкингдин жудолиқ,
Эрур шаҳлиқдин авлороқ гадолиқ.

* * *

Эйки, кўнглунгда йўқдурур тақво,
Бермагил сувратингға ҳам оро.
Токи остингда бўрё бордур,
Балки кўнглинг аро риё бордур.

* * *

Сабр йўқ ҳар кишида ҳикмат йўқ.

* * *

Эрурмен нотавон ул навъким мўр,
Эмасмен нишзан андоқки занбур.
Мунинг шукрин нечун қилғум мани зор —
Ки, эрмасмен қавию мардумозор.

* * *

Қилурман кўҳна ҳирқамга қаноат,
Вале чекмон кншидин бори миннат.

* * *

Сабр кунжин маскан айлаб, руқъа тиккан яхшидур,
Хожалар олдиға бориб жома қилғондин талаб.
Дўзах ичра минг уқубат тортғон авлодурур,
Кирғали жаннат аро ҳамсоя бўлғондин сабаб.

* * *

Билким, тирик юрмакдурур луқма емакликдин мурод,
Сан жаҳлу ғафлатдин мунинг аксиға қилдинг эътиқод.

* * *

Кишиға кам емак бўлса табиат,
Қотиғлиқ келса, бўлғай анга осон.
Ва гар худ кўб ебон танпарвар ўлса,
Туза олмой қотиғлиқға, берур жон.

* * *

Ема кўп, ўйлаким, бўғзингға етгай,
Егил оз, ўйлаким, жон роҳат этгай.
Қоринни ул сифат тўйдурма ҳар тун —
Ки келтургай мусибат топмоғон кун.

* * *

Ноним афзун бўлди, аммо обрўйим бўлди кам,
Бенаволиғ яхши кўргандин тамаънинг зиллатин.

* * *

Бори инсону ҳайвону жамики жонварларнинг
Камоли бенаволиғдин фалакка чиқти афғони.

* * *

Емағай шер сарқутин итнинг
Ўлса гар очлиғда хору зор.
Оч ўлуб, ўлмагингга рози бўл,
Сифладин луқма истама зинҳор.
Гар Фаридундек ўлса неъматда,
Киши деб беҳунарни қилма шумор.
Кийса ноаҳл эгнига дебо,
Бордурур зарҳал айлаган девор.

* * *

Сенингдек шоҳнинг қадридин асло ҳеч бўлмас кам
Менингдек хор дехқон уйига бўлмоқ била меҳмон.

* * *

Вале деҳқон кулоҳи гўшаси афлокдин ўтғай,
Бошиға соя солса лутф айлаб сен киби султон.

* * *

Қўл узотмоқлиғ улус олдида ёрим нон учун,
Яхшироқдур қўл кесилғондин ёрим ибнон учун.

* * *

Келди дононинг вужуди, ўйлаким, покиза зар,
Борса ҳар ерға, билурлар халқ қадру қийматин.
Шаҳрдин чиқмас улуғзода ашр нодон эса,
Не учунким, ўзга ерда тутмағайлар иззатин.

* * *

Бўлмаса зар, зўр ила дарёдин ўтмак бўлмагай,
Бир кишининг зари яхши ўн кишининг зўридан.

* * *

Ғурбат аҳли қадрини билмас киши.
Токи ғурбат бирла тушмайдур иши.

* * *

Эмин ўлтурмадим йилондин ҳсч,
Токи билдим, онга недур хислат.
Ичида бор адовати заҳри,
Гар мулойим эрур онга сурат.

* * *

Ким юзиға очар савол эшикин,
Ўлгуча ул ниёзманд бўлур,
Хирсни ташла, подшоҳлиғ қил,
Бетамаъ эл боши баланд бўлур.

* * *

Чу сўз нечаким софу ширин эрур,
Сазовори таъзиму таҳсин эрур.
Муқаррар они айламак хўб эмас,
Ки ҳалвони бир егил-у, айла бас.

* * *

Ақллиғ киши ҳеч демас калом,
Каломин биров қилмагунча тамом.

* * *

На сўз эшитса, они демакмидур оқил иши -
Ки, шоҳ сиррини деб, бошини берурму киши?

* * *

Қочормен, ўйла, ноқис дўстдинким,
Менга айбим ҳунар кўргузғусидур.
Борурман, ўйла, душманнинг қошиға
Ки, деб айбиму қолим тузгусидур.

* * *

Унинг онингдек этар халқға ҳароши дил,
Ки геша онча йўна олмоғуси тошдин гил.

* * *

Кимгаким подшоҳ мурид ўлса,
Кўрунур пок агар палид ўлса.
Кимгаким подшоҳ назар қилмас,
Кўзиға ҳеч бир киши илмас.

* * *

Йигит ҳар неча хўбу хушнамодур
Ва лекин йўқдурур ҳаргиз вафоси.
Вафо уммид этиб бўлмас йигитдин —
Ки, кўбдур бошида турлук ҳавоси.

* * *

Неча йил ўтгуси — урмассан
Ўз отанг гўри туфроғи сори юз.
Сан отанг ҳаққида на иш қилсанг,
Тутғил ўғлунгдин они сан доғи кўз.

* * *

Гадодин зоҳир ўлса минг бузуқ сўз,
Улус мингдин бирини билмағайлар.
Агар шоҳ айтса бир базла ногаҳ,
Ёярдин даҳр аро тортилмағанлар.

* * *

Сийму зар чиқғусидур тошдин,
Барча тошдин чиқмағуси сийму зар.
Чун қуёш ер юзиға партав солур,
Барча ерда лола бўлмас жилвагар.

* * *

Бўғоз хотун, оё донои ҳушёр,
Туғар вақтида гарчи мор туғғой.
Басе яхшидур ул фарзанддинким,
Они нодон ва ноҳамвор туғғой.

* * *

Карим эл қўлларида бир дирам йўқ,
Дирамлик кимсаларда бир карам йўқ.

* * *

Дегил ҳожийи бадгуҳарға мендин —
Ки, йиртиб эл тўнин еткурсин озор.
Анинг йўқ тевача қадри, нединким,
Ёбон ул хор доим тортадур бор.

* * *

Оҳким, топғай эди кўнглум фараҳ,
Сабзани қилсам тамошо ҳар баҳор.
Эмди туфроқим сори қилсанг назар,
Кўргасен устимда турлук сабзавор.

* * *

То ростлиғин билмас эсанг сўзнинг агар хўб,
Айтурға ҳамул сўзни оғиз очмағил асло.

* * *

Илмдин ҳар кишики олмади ком.
Бир матоъ олмай этди зарин тамом.

* * *

Гоҳ қаҳр этмак керакдур, гоҳ лутф,
Гоҳ меҳр этмак керакдур, гоҳ итоб.

* * *

Мискин ҳарис олам аро тинмайин юрар:
Ул ризқнинг изидин, ажал онинг изидин.

*   * *

Эйки, миндинг югурук от уза, огоҳ бўлғил
Ки, юк остида эшаки ожиз банди гилдур.

* * *

Оч қўшнунгнинг уйига борибон ўт тилама -
Ки, уйи тунглукидин чиқғони дуди дилдур.

* * *

Кимки роҳатда ўткарур ҳолин,
На билур очларнинг аҳволин.
Очлар ҳолин ул киши билғай
Бошиға очлик ғами келғай.

* * *

Сўзунгға ғарра бўлма ширин деб,
Анга нодонлар айласа таҳсин.

* * *

Фазлинг ар йўқ эса, онн билгил
Ки, сўз айтурға очма ҳаргиз тил.
Одамини тил этгуси расво,
Очма оғзингни, бўлма бепарво.

* * *

Бировким, эрур одати рост сўз,
Хатосин доғи чин этарлар гумон.
Ва агар ёлғон айтурда чиқса оти,
Билур чин сўзин ёлғон аҳли жаҳон.

* * *

Ҳар ғамеким, охири бўлғуси хуррамликға зам,
Яхшидур ул шодлиғдинким, сўнғгида бор ғам.
 
- Ғафур Ғулом таржималари -

* * *

Вафосиз дунёга дил берма зинҳор.
Ҳеч кимга дўст бўлмас чархи кажрафтор.
Ўлади шубҳасиз яхши ҳам ёмон,
Бахтлидир яхши ном қолдирган инсон.

* * *

Тириксан, гўрингга гуллар экиб қол,
Кейин қўзғалмоққа қолмагай мажол.
Даврон офтоб-у, умр худди қор,
Тириксан, мағрурлик қилмагин зинҳор.

* * *

Пулинг йўқ, бозорда нима қиласан?
Қўрқаман, саллангдан ажраб келасан...

* * *

Кимки ўз ҳосилин хом еб тугатар,
Куз куни хирмондан машоқлар терар.

* * *

Бу кун сўзламоққа сенда имкон бор,
Ҳар қанча яхши сўз топсанг, айтиб қол.
Эртага ажалнинг элчиси келгач,
Тилинг қимирлашга тонмагай мажол.

* * *

Оғиз ичида гил, недур, эй оқил?
Ҳунар хазинасин калитидир — у.
Эшик ёпиқ экан, билиб бўлмагай
У ерда ннма бор — мунчоқми, инжу?

* * *

Агарчи билимдонлар хузурида жим туриш —
Одобдир. Аммо, пайти келганида сўзлаб қол.
Икки ҳол ақлсизлик: гап келганда гапирмай,
Зарур чоғда жим турмай, бўлиб кетиш сўзамол.

* * *

Дунёни хўб кўрган, сўз устаси чол
Сўзлашдан илгари аниқлар аҳвол.
Оғзингга келганин валақлай берма,
Кейинроқ сўзларсан, бундан ғам ема.

* * *

Ўйлаб кўр, оғзингдан чиқаркан нафас,
Токи демасинлар: «Қил гапингни бас!»
Тил билан ҳайвондан ажралур инсон,
Бемаъни гапирган ҳайвондан ёмон.

* * *

Ночор қолган киши зўр берар тилга,
Мағлуб бўлган мушук ташланур итга.

* * *

Бу жаҳон ҳеч кимга қолмас, биродар,
Дилингни Тангрига топширсанг етар.

* * *

Таянч деб билмагил бу дунё молин,
Кўпларни ўстириб, берди заволин.
Жон берар экансан, фарқи йўқ сира:
Тахтда ўласанми ё, тупроқ узра.

* * *

Чурқ этиб оғзини очмаса киши,
Билинмас ундаги фазилат, нуқсон.
Бу ўрмон холи деб гумон қилмагил,
Балки ухлаб ётар шу ерда қоплон.

* * *

Жаҳондан Ҳумо қуш йитиб кетса ҳам.
Бойқуш соясини истамас одам.

* * *

Ярим нони бўлган очиққўл киши
Ярмини гадойлар есин, деб ўлар.
Бир иқлим эгаллаб тўймас подшоҳ,
Яна бир иқлимни олмоқчи бўлар.

* * *

Кўчат эндигина томир қўйган он.
Бир одам суғуриб олиши осон.
Вақт ўтиб, илдизин отганида-чи,
Қўпора олмайди бўронлар кучи!
 
* * *

Булутдан чин ҳаёт ёмғири ёғса,
Тол дарахт шохида мева пишмайди.
Уринма ёмонни яхши қилишга,
Бўйрабоп қамишдан шакар чиқмайди.

* * *

Бир куни Зол деди ўғли Рустамга:
«Душманни ўйлама кучсиз ва камтар.
Бир талай сув келиб кичик булоқдан,
Юкли туяни ҳам оқизиб кетар».

* * *

Қаро бахт кишилар бахтиёрларнинг
Ҳамиша заволин орзу қилади.
Шанпарак кундузи кўра олмайди,
Хўш, бунда қуёшнипг айби нимади?
Мингларча шаппарак кўр бўлса-бўлсин,
Қуёш порлай берсин кўкда абадий.

* * *

Ўз халқига жавру зулм раво кўрган подшоҳнинг
Ўз дўстлари ёв бўлур қийин дам келган куни,
Фуқарога шафқат қилсанг  душмандан омондасан,
Адолатли шаҳаншоҳнинг халқи бу — ўз қўшини.

* * *

Ҳар битта гапнинг ҳам вақти етади,
Беҳуда гапирсанг, қадринг кетади.

* * *

Гарчи юз йил ўтпараст ўтга хизмат этади,
Ўзи ёққан оловга тушса, куйиб кетади.

* * *

Худонинг ризоси — тўғрилик иши,
Адашмас туз йўлдан кетгувчи киши.

* * *

Ишинг чаппа кетганида дилинг оғриб, чекма ғам,
Чунки зулмат ичидадир оби ҳаёт суви ҳам.

* * *

Ёмон кунга қолганингда тутма дилингни ҳазин,
Худо берар марҳамат кўп, лекин кўздан яширин.

* * *

Замонага ўпка қилма, юзингни тириштирма,
Чидам аччиқ келади-ю, меваси ғоят ширин.

* * *

Дарёдан дур йиғасан сиққанича қучоққа,
Ё тўлқинлар ўлаксангни улоқтирар қирғоққа.
Кўрмадингми, бирор киши улуғ мартаба топса,
Хушомадга келадилар таъзим билан қошига.
Тойилса-ю, иши чаппа кетар бўлса, қарайсиз,
Ҳеч тан тортмай оёқ қўйиб, чиқадилар бошига.

* * *

Амиру вазиру подшоҳларнинг
Ёнига бесабаб бормаслик керак.

* * *

Қутида турганда бурқимайди уд,
Сен олов устига уни ташлагил.
Улуғлик ниятинг бўлса, сахий бўл,
Уруғ сочилмаса, унмайди ҳосил.

* * *

Фуқаронинг боғчасидан султон узса бир олма,
Навкарлари қўпоради дарахтларнинг илдизин.
Зўрлик билан бешта тухум ола қолса подшоҳ,
Аскарлари сихга тортур товуқлардан беш юзин.

* * *

Султоннинг ризосин топа олмайсан,
Токи фуқаронинг кўнглин топмасанг.
Худо бандасига яхшилик қилғил,
Худо гуноҳимни кечирсин, десанг.

* * *

Ҳар кимнинг мансаби, қуввати бордир,
Халқ молин емакка қудрати бордир.
Каттакон сўнгаклар ҳалқумдан ўтар,
Лекин пастга тушиб, қоринни йиртар.
Халққа зулм этса ҳар бир ситамкор,
Унга қарғиш — лаънат қолур пойдор.

* * *

Оқил киши алам ўтса, ўз халқидан ўпкаламас,
На азият, на роҳатга халойиқ сабаб эмас.
Бирни бирга дўсту душман қилмак Худонинг иши
Ва Худонинг измидадир ҳамма дилини ёзмиши.
Агарчи отилганда камондан отилади,
Бирор ўқчи отганини ақллилар билади.

* * *

Нима бало, илонмисан, кўрганингни чақасан,
Бойқушмисан, қайси ерга қўнсанг, уни йиқасан.

* * *

Чўлнинг шамолидек ўтажак даврон,
Ўтар аччиқ-чучук, яхши-ю ёмон.
Золим бизга ситам қилдим, деб ўйлар,
Чидадик, гуноҳи ўзида ҳамон.

* * *

Султоннинг раъйига қарши сўз айтмак,
Ўз юрак қонингга қўл ювмак демак.
Кундузни подшо кеча деб билса.
«Ҳай-ҳай, ана Ҳулкар!» — демаклик керак.

* * *

Дўстларнинг кўнглини қўлга олай деб,
Отамерос боғни сотилса яхши.
Яхшилар қозонин қайнатиш учун
Бисоту буюмлар ёқилса яхши.
Ёмон ниятга ҳам сен яхшилик қил
Ит оғзин нон билан тийилса яхши.

* * *

Қўлда элаб, хамир қилмак сўнмаган оҳактошни,
Осон ишдир амирларга эгишдан азиз бошни.

* * *

Қимматли умримиз кўп исроф бўлди,
Ёзу қиш нима еб, не кияман деб.
Сен, қорин қурғур ҳам битта нонга кўн,
Икки букулишни бизга кўрма эп.

* * *

Бахтли ва давлатли бўлмас билимдон,
Бунинг барчасига сабаб осмон.
Жаҳонда учрайди такрор ва такрор:
Аҳмоқлар ҳурматда, ақллилар хор.
Кимёгар қийналиб ўлиб кетади,
Аблаҳга хазина насиб этади.

* * *

Юзма-юз келганда қуй каби ювош
Орқадан бўридай одамхўр, бебош.

* * *

Сиртимни мақтай бериб, мени уялтирмагил,
Ичимда қанча нуқсон, уни ўзим биламан.

* * *

Элатдан биттаси аҳмоқлик қилса,
Қишлоқнинг обрўсин кулдай тўзғитар.
Ушбу мақолни ҳам эшитгандирсан:
«Ярамас бир бузоқ пода булғатар».

* * *

Дилни оғритарлик бир қўпол киши,
Билимдон даврада ножўя иши,
Каттакон қудуқда лиммо-лим гулоб,
Битта ўлакса ит қилгандай ҳароб.

* * *

Қийин кунга қолган чоғда руҳинг бўлмасин тушкун,
Душманларнинг терисидан дўстингга бичгил пўстин.

* * *

Бир киши касал узра тун бўйи йиғлади зор,
Тонгда йиғлаган ўлди, соғайиб турди бемор.

* * *

Ўғрининг омади келиб турган чоқ,
Карвоннинг додига соларми қулоқ?

* * *

Занглаган темирни минг ишқов бериб,
Кўзгудай сайқаллаб, боқиб бўлмайди.
Қора кўнгилларга ўгит фойдасиз,
Тошга темир михни қоқиб бўлмайди.
 
* * *

Шод кунларинг ғамгинларнинг кўнглин топ,
Дил оғритган балоларга қолади.
Бўла туриб тиланчига бермасанг,
Бирор золим сендан юлқиб олади.

* * *

Бирор эсли кишига ҳатто ҳазил сўз айтсанг,
У шундан ҳам ўзига чиқаради хулоса.
Аммо аҳмоқ кишига юзлаб ҳикмат ўргатсанг,
Барчаси унинг учун туюлар ҳазил нарса.

* * *

Ўзинг яхши бўлсанг юриш-туришда,
Сендан айб тополмас ҳар бир ярамас.
Танбурнинг ўз сози жойида бўлса,
Созанда қулоғин бураб ўтирмас.

* * *

Билдингми, тонг чоғида нима дер менга булбул:
«Нечук одам саналғай севгидан бехабар дил?
Араб шеърин эшитган туя завқидан ўйнар,
Сенда завқдан асар йўқ, ҳайвон экансан буткул».

* * *

Агар сен истасанг бойлик ва давлат,
Энг катта бойликка тенгдир қаноат.
Этагинг тўлдирса бир бой зар билан,
Сен унга қарама шод назар билан.

* * *

Катта кишилардан эшитдим ҳар гал:
Дарвешлар чидами бойликдан афзал.

* * *

Мўлу кўл, каттакон амалга мингач,
Дўстини танимас кўзин босиб ёғ.
Ошнолар ёнига ҳасрат-ла борур.
Амалдан ҳайдалиб, ожиз қолган чоғ.

* * *

Дўстни-ку йўқламоқ зарра айб эмас,
Аммо «Бас!» дегунча боравермагил.
Бошқалар тергашин ёқтирмас бўлсанг,
Ўзингни аввало ўзинг тергагил.

* * *

Яхши эркак уйидаги ёмон хотин мисоли
Бу дунёда эркак учун жаҳаннамнинг тимсоли.
Ёмон хотин суҳбатидан қочиб, қидир паноҳи,
Жаҳаннамнинг оловидан ўзинг сақла, илоҳи!

* * *

Бола-чақа қайғусида банд бўлгап киши
Жуда қийин тинч турмушни хаёл қилиши.
Фарзандлар қайғуси: кийими, нони
Эсингдан чиқарар сайри самони.
Кундузи кўнглимда қиламан қарор,
Бу кеча Тангрини топай деб бир бор.
Қачонки хуфтоннинг вақти келади —
Рўзгорим ташвиши кела туради.

* * *

Майли, ким бўлмасин: пирми, муридми,
Ёки зўр шоирдир, етук шуҳратга,
Бу тубан дунёга келиши билан
Оёғи асалга илашган пашша.

* * *

Хонақоҳдан мадрасага келди юракли киши
Ва тариқат аҳли билан улфатчиликни бузди.
Мен сўрадим: «Олим билан художўйнинг фарқин айт,
Нима учун олимларға тортимингни кўргуздинг?»
Деди: «Обид тўфон қўпса, шолчасин ахтаради,
Олим эса сув ғарқ қилган кишини қутқазади».

* * *

Катта дарё бир тош билан лойқаланиб қолмайди,
Ранжиш билган билимдонни жилдираган ариқ де.

* * *

Қариндошинг бўла қолса диёнатсиз, беадаб,
Сен ҳам ундан қариндошлик ипин узсанг, яхши гап.

* * *

Бағдодда бир қувноқ кекса бор эрди,
Қизини кавушдўз йигитга берди.
Аёвсиз даванги шунчалар сўрди,
Қизнинг дудоғидан қонлар югурди.
Эрталаб отаси буни кўради,
Куёви олдига бориб сўради:
«Бунча чайнамасанг, чўзмасанг, аҳмоқ,
Кавушлик теримас, бу нозик дудоқ!»
Кулги-чун айтмадим, менга қулоқ сол,
Хазилни ташла-ю, жиддийсини ол:
Бировнинг табъида ёмонлик бўлса,
Ўлганча қолади — бу турган нарса.

* * *

Деворга ёзилган бўлса ҳам ўгит,
Унга амал қилгай эси бор одам.

* * *

Эшитдим, бир сипоҳ кундан бир куни
Бўри чангалндан қутқарди қўйни.
Оқшом қўй бўғзига пичоқ ишқади,
Шунда қўй ялиниб, унга йиғлади:
«Аввали бўридан қутқарган сенсан,
Билсам, ўша бўри ўзинг экансан!»
 
- Шоислом Шомуҳамедов таржималари -

Ўз меҳнатидан нон еган киши,
Ҳотам миннатидан озод ёш-қиши.

* * *

«Ҳамёни соф тилла тўла бўлса ҳам,
Оч киши саҳрода қўёлмас қадам.
Биёбонда қолган оч бечорага,
Кумушдан яхшидир қайнаган шалғам».

* * *

Қоврилган қуш қадри тўқлар олдида
Дастурхонда пиёз, кашнич, ўтдан кам.
Оч олдида ўтар товуқ ўрнига
Қуруқ сувда қайнаб пишган бир шалғам.

* * *

Дил на қилсин паст табиат бўлса тан,
Ҳар маҳал эсмас шамол хоҳиш билан.

* * *

Муҳтож банда илтижода Худога қўлин очар,
Тўқлигида қўлларини қўлтиққа уриб қочар.

* * *

Олтин-кумуш бўлса, едир барчага.
Ўзинг ҳам роҳат қил, еб-ичиб қолгин.
Сендан қолажакдир бу иморатлар,
Ғиштлар бўлганда ҳам кумуш ё олтин.

* * *

Ўлган агар тирилиб келса,
Уруғлари билан бўлса жам,
Оғир эди мерос қайтармоқ
Қариндошин ўлимидан ҳам.

* * *

Е, эй бадбахт, ҳеч ннма аямасдан,
Бадбахт ўлди йиққанини емасдан.

* * *

Агар иш кўрсатмаса, бекордир фазлу ҳунар,
Уд оловга тушмаса, уйни қилмас муаттар.

* * *

Бадавлат ғарибмас тоғу чўлда ҳам.
Қайга борса, қурар ётоғу чодир.
Ўз кулбасида ҳам ғарибу забун
Орзуга етмаган бечора фақир.
Агар косиб мусофирликка чиқса,
Қийинлик бетини кўрмайди асло.
Ксчин оч ухламоққа мажбур ўлғай.
Гар ўз юртида тахтдан тушса подшо.

* * *

Ризқ агар ҳар кимға келур бегумон,
Ақл дер: «Қидиргил уни сен ўзинг!»
Ҳеч киши ажалсиз ўлмайди, аммо
Ким аждар оғзига уради ўзин?

* * *

Ақлнинг кўзи ҳам тамаъдан боғлиқ,
Тамаъдан илингай домга қуш, балиқ.
Зулм кўрсанг, кийгил чидам этигин,
Юмшоқлик ёпади уриш эшигин.
Юмшоқ муомала, ширинсўз одам
Бир қил билан тортиб кетар филни ҳам.
Юмшоқ бўлгил, юмшоқ ипакни ҳатто
Ўткир қиличлар ҳам кесолмас асло.

* * *

Ризқингдан ортиқни еб бўлмаса ҳам,
Талабда бўлмағил дангаса, беғам.
Ғаввос наҳанг оғзин ўйласа агар,
Қўлга киритолмас ҳеч дурру гавҳар.

* * *

Илвасин келтирмас овчи ҳам ҳар кун,
Бир кун йўлбарс йиртиб ташлаши мумкин.

* * *

Гоҳида равшанфикр донолардан ҳам
Чиқмаслиги мумкин дурустроқ тадбир.
Гоҳида ақлсиз гўдак бир бола
Янглишиб, нишонга ўқ урар моҳир.

* * *

Ҳунардан катта айб йўқдир адоват кўзига ҳар дам,
Ўзи гул бўлса ҳач, душман кўзинда бир тикан Саъдий.

* * *

Сўз демасанг, сенда кимнинг иши бор,
Дедингми, далил айт, исботла такрор.

* * *

Ўз уйингдагини билолмай зинҳор,
Қайдан билдинг — фалак авжида не бор?

* * *

Инкор кўзи-ла қараган кишига
Юсуфнинг юзи кўринар хунук.
Агар чуҳаббат-ла қараса девга,
Дев кўринар фариштадек туп-тузук.

* * *

Гар бегона келса шамнинг ёнига,
Соя қилса, ўлдир ундай одамни.
Лаби ширин, шакарханда ёр келса,
Енгинг билан шу он ўчиргил шамни.

* * *

Денгиз фойдаси яхши, тўлқин солмаса даҳшат,
Гул суҳбати хуш эди санчилмаганда тикон.
Висол боғида товус каби қилардим хиром,
Бу кун ёр ҳижронида тўлғандич мисли илон.

* * *

Ўзингдан яхшироқни изла, фурсатни ғанимат бил,
Ўзингдеклар билан мумкин қадар камроқ суҳбат қил.

* * *

Эр қучоғидан хотин турса ҳар субҳ норизо,
Бундай уйда дам-бадам қўзғар жанжал, можаро.

* * *

Найранг билан сочинг қиласан қора,
Аммо букчайган бел рост бўлмас сира.

* * *

Ўзи буюрмоққа ўрганган киши
Қийин бошқаларга қулоқ солиши.
Ким агар ўсибди нозу неъматда.
Ҳоли оғир бўлар қолса кулфатда.

* * *

Агарда муаллим бўлса беозор,
Болалар синфни қилишар бозор.

* * *

Кириминг бўлмаса, чиқимни тўхтат,
Қайиқчилар куйлар шундай бир қўшиқ:
«Агар тоққа ёмғир ёғиб турмаса.
Бир йилда Дажла ҳам бўлар қуп-қуруқ».

* * *

Орзуға етишган бахтиёр нечун
Қаро кун ғамида чекади алам?
Шодлик-ла еб-ичиб, яша, эй дилкаш,
Эртанги кунни деб бугун чекма ғам!

* * *

Паст нодон мастликда ўйламас асло
Не кечар аҳволи йўқлик кунида.
Баҳорда барги мўл дарахтлар ночор -
Яланғоч қолар қиш изғиринида.

* * *

Ўз элига вафо қилмаган киши
На севимли бўлур ва на донишманд».

* * *

Агар бўлмас экан фазлу ҳунар ҳеч,
Билиб бўлмас одамми, нақши девор.
Бисот, мол қўлга киргизмоқ ҳунармас,
Қўлингдан келса, бир дил овла, эй ёр!

* * *

Зулм ила халқ терисин шилган ўшал ҳожига
Менинг номимдан бориб, икки оғиз сўз дегин:
«Сен ҳожи эмас, балки ҳожи эрур бу туянг,
Чунки тикан овқати, кўтарар одам юкин».

* * *

Буюрмас ақллик киши ҳеч маҳал
Тамизсиз кишига муҳимроқ бир иш.
Бўйра тўқиган ҳам тўқувчи, лекин
Қўлидан келарми ипак иш тўқиш.

* * *

Бировга сир айтиб, сақла дегандан,
Дил сирин ҳеч кимга айтмаган маъқул.
Ариқ тошиб кетса, боғлаб бўлмайди,
Сувни энг бошидан қайтарган маъқул.

* * *

Икки киши адоватин ўт десак агар,
Ўтни ташиб турувчидир бадбахт иғвогар.
Қайта тотув бўлишганда бу икки кўнгил,
У бўлади бахти қаро, шарманда, хижил.

* * *

Дўст-ла сўзлашсанг ҳам бўлгил эҳтиёт,
Душман қулоғига етишмасин боқ.
Девор ичра ҳар не десанг, ҳушёр бўл,
Девор орқасида бўлмасин қулоқ.

* * *

Қўлдан келган ҳамма чорадан кейин
Қўлга қилич олсанг, раво бўлади.

* * *

Раҳмдиллик одамга олий хулқ, аммо
Дилозор ярасига қўймагил малҳам.
Айлама раҳм-шафқат илон-чаёнга,
Бундан озор топар фарзанди одам.

* * *

Ишонмагил маддоҳ, сўзамолларга,
Заррача нафъ учун сени мадҳ этар.
Бир куни муродин ҳосил этмасанг,
Икки юздан ортиқ айб санаб кетар.

* * *

Одамнинг тор ичагин битта нон тўлдирар, бас,
Бутун олам неъмати оч кўзни тўйдиролмас.

* * *

Бир аҳмоқ эшакни сўзга ўргатмоқ -
Бўлиб, сарф айларди кўп вақту кўп куч.
Бир донишманд деди: «Таънага қолма,
Эй ахмоқ, беҳуда уринишдан кеч.
Яхшиси, сен ундан сукутни ўрган,
Ҳайвон гапиришга ўрганарми ҳеч?».

* * *

Кимки андишасиз сўзласа жавоб,
Сўзи эътиборсиз, чекар изтнроб.
Ё ўйлаб сўзлагил инсон мисоли,
Ё жим туравер ҳайвон мисоли.

* * *

Зоғ билан бир бўлса булбул қафаси,
Не ажаб, ичига тушса нафаси?

* * *

Донони шарманда қилдим-ку, дея,
Ғурурга берилмиш мақтанчоқ нодон.
Билмаски, ноғора овози доим
«Ҳижоз» куйин босиб кетади осон.

* * *

Донодан бир панду насиҳат сўрдим,
Дедики: «Нодонга қўшилма ҳечам.
Агар доно бўлсанг, ақмоқ бўласан,
Йўқса, нодонлигинг ортар яна ҳам».

* * *

Лутф этган кишининг хоки пойи бўл,
Дағаллик қилса, соч кўзига тупроқ.
Дағал кишиларга юмшоқ гапирма,
Занг арчолмас эгов бўлганда юмшоқ.

* * *

Гапинг чинлигини яхши билмасдан,
Оғзинг очиб, асло сўзга урма дам.

* * *

Ёлғон сени банддан қилса ҳам халос,
Рост гапиргил. агар бандда қолсанг ҳам.

* * *

Қуш тушмас пастдаги дона устига,
Тузоқ узра кўрса ўзга бир қушни.
Бошқаларга ибрат бўлмайин десанг,
Ўзинг ибрат олиб, юритгил ишни.

* * *

Менинг феълим агар бўлса ярамас,
Сен ўз феълинг қўлдан чиқармасанг бас.

* * *

Қози беш бодиринг еса гар пора.
Юз полнз ҳукмига топади чора.

* * *

Ўз тўнингга солсанг агар юз ямоқ.
Ўзга тўнин сўрагандан яхшироқ.
 
«БЎСТОН»ДАН

- Чустий таржималари -

* * *

Эшит, эй ҳунарманд — доно киши,
Эмас айб излаш ҳунарманд иши.

* * *

Жаҳондан кетар пайтда Нўширавон
Бу сўзларни Ҳурмузга этмиш баён:
«Хамиша ғариблар дилин овлагил,
Сен ўз роҳатинг кўзлаган бўлмагил.
Агар роҳатингни қиларсан ҳавас,
Қўл остингдагилар сира тинчимас.
Ақлликка маъқул эмас ҳеч қачон,
Еса қўйни бўри, ётиб қўйчивон.
Чиқор ҳожатин ҳамма муҳтожни,
Шулар қўйди шоҳ бошига тожни.
Дарахт бўлса шоҳ, халқ илдиз эрур,
Бил, ўғлим, томир-ла дарахт улғаюр.
Элинг қалбин оғритма, берма зарар,
Қурур илдизинг ранжиса эл агар.
... У юртда тополмайсап ободлик
Агар элда йўқ шоҳидан шодлик.
Тушида кўрар юрт ободлигин
Хароб айлагач юрту элнинг дилин.
Ёмонлик, ҳароблик зулмдан келур,
Улуғлар бунинг маънисин хўб билур.
Ситам бирла қатл этмоқ элни зиён.
Шулар мамлакатда мадор, соябон.

* * *

Эшитдимки, Шеруяга ушбу хил
Ўлим вақти Ҳусрав деди: «Яхши бил,
Нечук ишни қилмоққа этсанг ният.
Мудом эл ишин яхшилашга қарат...
Агар бўлса ўткир тиғинг қанчалик,
Эмас тул хотиннинг дилин оҳидек...
Ёмон ҳам ўтар, яхши ҳам, яхши бил,
Сени яхши ном бирла ёд этсин эл...
Сила яхши бошини — бермас зиён,
Ёмонга тараҳҳум — ўзингга ёмон...
Таниш бўлмагандан ҳазар яхшидур,
Ки дўстлик ниқобида ёв ҳам бўлур...
Сахий бўл-у, хуш хулқу мардона бўл,
Ғарибларга боққилки, ҳақ йўли шул.
Қололмас жаҳон ичра мангу киши,
Фақат қолгуси яхши ному иши.
Тирик улки, ундан кейин қолса жой,
Ҳовуз, қил кўприк-ла карвонсарой.
Агар қолмаса ҳар кишидап нишон.
Удир меваси йўқ дарахт бегумон.

* * *

Бадахшонни(нг) лаълин ушатмоқ осон.
Ушалгач, бутун бўлмагай ҳеч қачон.

Ҳ и к о я т

Унутдимки, қайси китобда экан,
Йўлиқмиш биров тушда шайтон билан.
Қади сарву шамшод экан, чеҳра ҳур,
Юзида қуёш нурлари товланур.
Яқин борди-ю, деди: «Шайтонмисан?
Фаришта бу хилда гўзал бўлмаган.
Шу хил тўлган ойдек юзинг, суратинг,
Жаҳонда нега энг ёмон шуҳратинг?
Оёқ остида суратинг не учун,
Чизилмиш баҳайбат, ёмону забун?»
Бу сўзни эшитгач у бахти қаро
Келиб аччиғи, чекди оҳу наво.
Деди: «Шаклим эрмас у янглиғ хунук,
Қалам душман илгидадир, эй буюк!
Биҳиштданки, юлдим мен илдизларин,
Чизар суратим мисли деви лаин.
Бу янглиғ гўзалман ва лекин ҳамон,
Менинг суратимни чизарлар ёмон».

* * *

Хатим беғалат — тўғри юргач қалам,
Хато излагандан недир менга ғам?

* * *

Кўрарсан — биларсанки, ҳар камбағал —
Боқар бойга ҳасрат билан ҳар маҳал.

* * *

Шошиб ҳар кишики, қилич ушлагай,
Пушаймон била ўз қўлин тишлагай.
Ғаразлик киши сўзини сўз дема,
Ишониб, анга, сўнгра афсус ема.
Ақлли киши сабр этар ҳар нафас,
Жаҳолатга енгилган оқил эмас.
Азиз номи қолган етук кишилар
Киши молига бермадилар зарар.
Агар оч қолиб, берса ҳам мард жон.
Етимлар ҳақин емагай ҳеч қачон.

Ҳ и к о я т

Улуғлараро бир улуғ аҳли фан,
Деди қисса Абдулазиз ўғлидан.
Узугин кўзи бор экан бебаҳо,
Харидор кучи етмаган мутлақо.
Ёрутгайди тунни ажойиб бу дур,
Қуёшдек сочарди жаҳон ичра нур.
Келиб элга очлик йили ногаҳон,
Қади янги ойдек эгилди шу он.
Элин кўрдиким, очу дармони йўқ,
Мурувватдан эрмас ўзи бўлса тўқ.
Киши кўрса халқ коми ичра заҳар,
Томоғидан ўтмайди шарбат-шакар.
Буюрди — узук кўзини сотдилар,
Етим, тулга раҳми келиб шул қадар,
У бир ҳафта бўйлаб улашди пулин,
Дилин онлади очу қашшоқ элин.
Бироқ унга дерди маломатчилар:
«Тополмайсан энди бу янглиғ гуҳар!»
Эшиттим, дер эрди у доно киши,
Юзига томиб шамъдек кўз ёши:
«Ярашмайди зийнатланиш пюҳ учун,
Агар бўлса эл ҳоли очу забун.
Қўлимда бу кўзсиз узук безарар,
Зарар — э, дили ғамда бўлса агар.
Ўзидан бурун ҳар ким эл роҳатин
Агар кўзласа, унга минг офарин!
Кишилар ғамини еган мардлар,
Бўлиб қайғули, роҳатидан кечар.
Агар ётса шоҳ тахтида боҳузур,
Ишонмаки, эл ухлаб, ором олур.
Агар ухламас шоҳ бутун тун аро,
Эл ухлайди ором олиб доимо».

Ҳ и к о я т

Шаҳаншоҳлар ахборида бор экан,
Миниб тахт уза, Тукла сардор экан.
Зулм кўрмади даврида ҳеч киши,
Бўлакка сабоқ эрди тутган иши.
Бир оқилга дер эрди бир марта у:
«Ҳаётим бутун беҳуда ўтди-ку!
Дил истар ибодатни хилват аро,
Тилакка етай бўлмай умрим адо.
Қолур мансабу тахту мулку чаман.
Олиб кетмади гўрга ҳеч қайси тан».
Эшитди буни оқили покдил,
Чиқиб жаҳли, айтдики: «Эй Тукла, бил:
«Ибодат ўзи халққа хизмат қилиш,
На тасбеҳда, на жойнамозда бу иш.
Умр бўйи тахт узра сен шоҳ бўл,
Дили ноку хушхулқу огоҳ бўл.
Садоқат, иродат билан боғла бел,
Ёмон лофу қофдан мудом сақла тил.
Улуғлар диликим, мусаффо эди,
Шу хислат уларда муҳайё эди.
Сира ўлмасам, деб ким айта олур,
У кимдирки, дунёда ўлмай қолур.
Агар ҳар кишидан қолур мулку мол,
Ўзидан кейин бўлғуси поймол.
Агар ҳар киши элга эҳсон этар,
Элидан мудом унга раҳмат етар.
Улуғ бўлса-ю, қолмаса яхши ном,
Нишонсиз ўлиб кетди у, вассалом!»

* * *

Ғарибларга берма азобу алам,
Сени маҳв этар топса пайтин у ҳам.

* * *

Зулм бирла йиққунча олтин, ахир,
Хазинангнинг бўш қолгани яхшидир.

* * *

Чида зўр зулмига, эй нотавон,
Бўлай, десанг, ундан кўра паҳлавон.
Ғанимларни ҳиммат-ла енгмоқ зарур
Ки, ҳиммат қўли барчадан зўр эрур.

Ҳ и к о я т

Дамашқ ичра келди қаҳатлик йили,
Унутди меҳрни кишилар дили.
Бахил бўлди осмон чунон ер учун,
Дарахту экин қақшади бус-бутун.
Қадимий булоқлар қолиб қуп қуруқ,
Етим кўз ёшидан бўлак томчи йўқ.
Фақат бевалар оҳи бирлан чиқар,
Хар уй туйнугидан тутун чиқса гар.
Дарахтлар ғариб бир гадодек — шу ҳол,
Баҳодирлар аҳволи танг, бемажол.
На боғу на саҳрода кўклам у йил,
Чигиртка экин еб, чигирткани эл.
Шу он келди ёнимга бир эски дўст,
Фақат унда қолмиш суяк бирла пўст.
Таажжубда қолдим — бақувват эди,
Жуда мўътабар, ҳам бадавлат эди.
Дедим унга: «Эй ёри покиза дил.
Бошингга на иш тушганини дегил».
Ғазаб бирла дедики: «Эй ошно,
Ўзинг хўб билурсан, саволинг хато.
Кўрарсан машаққатли фурсат бу дам.
Ниҳоятга етди мусибат бу дам.
На ёмғир ёғар ерга кўкдан бу он,
На ердан етар кўкка оҳу фиғон».
Дедим: «Сенга йўқ хавф, бул сўзни уқ:
Заҳар кор этар қайда тарёк йўқ.
Бу очлик бўлакларни гар маҳв этар,
Бадавлатсан — ўрдакни тўфон нетар?»
Қараб, ранжиди мендан олим шу он:
«Дегайсанки, нодонга доносимон».
Деди: «Четда ҳам бўлса мардоналар,
Туролмас қараб, чўкса дўстлар агар.
Юзим йўқчиликдан эмас заъфарон,
Яланғоч, очларга ўртанди жон.
Ақлли киши хоҳламас ҳеч қачон
Элин, ҳам ўзин жисмига бир зиён.
Шукурким, таним соғу қувватлиман,
Дилим титрагай ўзгалар дардидан.
Мажолсиз касал ёнида бўлса гар,
Киши соппа-соғ бўлса ҳам, нам босар.
Кўринганда очу ғариб, нотавон,
Заҳар бўлгай оғзимда ҳар луқма нон.
Агар банду зиндонда дўсти ётар,
Киши қайда гулзор сайрин этар».

Ҳ и к о я т

Тутаб турган эл қалби ёнди бутун,
Куйиб кетди Бағдод ярми шу тун.
Биров шукр этиб, дерди ёнғин аро:
«Дўконим зарар кўрмамиш мутлақо!»
Деди бир киши: «Эй хасис, ақлсиз,
Фақат ўз ғамингни единг, бетамиз!
Сенинга дўконинг омон қолса бас,
Шаҳар куйса, сенга писанд ҳам эмас!»
Бахилдан бўлак ким ўзин тўйғазар.
Кишилар ёмон ҳолда, очдир агар?
Кўрарким, ғариблар ютар қон мудом,
Шу инсофми, бойлар еса гар таом?
Касал боққан одамни сен дема соғ,
У ҳам қайғу бирлан касалдир шу чоқ.
Борур гарчи манзилга дўстлар етиб,
Етолмас кейин қолгувчиларни деб.

* * *

* * *

Ёмон жинсидан қолмади яхши ном,
Ёмонлар ёмонлик-ла бўлғай тамом.

* * *

Кетиб қолса агар қўлдан тахту тож,
Ёқангдан олур кўп яланғочу оч.

* * *

Қулоғингни туг, ғафлатингни қочур.
Эшитгил — ўликлар насиҳат қилур:
Ёмонликка юрмайди яхши киши,
Ўтар яхшилик бирла доим иши.
Ёмон йўлга борар ёмон ҳар қачон,
Кўпинча ўлур йўлда мисли чаён.
Биров фойдасин кўзламайди агар,
Қаро тош билан тенг эрур ул башар.
Хато сўзладим ман, аё яхши ёр,
Қаро тошу темирда ҳам фойда бор.
Ул одам уят бирла ўлса тузук,
Гар ундан қаро тош бўлса тузук.
На ҳар кимса йиртқичдан аъло бўлур,
Ёмон кимсадан йиртқич афзал эрур.
Ақлли кишини чин инсон дегил,
Агар қонхўр эрканми, ҳайвон дегил.
Гар инсон эса, ухласа доимо,
Не фарқи бўлур вахшийдан эл аро?
Агар яхшилик тухмини экмади,
Мурод хирманидан унга тегмади.
Эшитган эмасман шу ёшга кириб:
«Ёмоннинг жазоси бўлур яхши!» — деб.

* * *

Деди кимса ўз ўғлига бир замон
(Унутма сен оқил сўзин ҳеч қачон):
«Бил, ўғлим, гўдакларга қилма ситам,
Ўзингдан улуғ жабр этар сенга ҳам.
Сен, эй беақл бўри, ҳеч билмадинг,
Мени шер ёрар, деб хаёл қилмадинг.
Эдим ёшлигимда ажаб зўравон,
Кичикларни ранжитган эрдим чунон.
Едим бир забардаст муштин чунон,
Кичикка мушт урмасман шундан буён».

* * *

Ажам мулкида бир қаландарсимон
Дер эркан: «Аё шоҳ Нўширавон!
Отангга вафо қилганида бу бахт,
Қачон сенга теккай эди тожу тахт?
Сен олтинни Қорунча йиғсанг — битар,
Қолур хайринг-у, ўзгасин ер ютар».
Замон наҳсу номардга давлат берур,
Ғарибларга қайғу-машаққат берур.

* * *

Туғилса тузукдир хотиндан илон.
Туғилгунча деви лаиндек ёмон.

* * *

Ит аъло эрур мардумозордан,
Кишиларни кийновчи маккордан.

* * *

Бутунликча душманга ўтмай яроқ,
Қўлингда уни сингани яхшироқ.

* * *

Қалам бошига келса ўткир пичоқ,
Тили бўлгай ўткир, яна яхшироқ.

* * *

Эшит душманингдан хатоигни бутун.
Кўрингай гўзал ҳар ишинг дўст учун.

* * *

Йўлинг устида чоҳ қазилса агар.
Қилур дўст ундан сени бохабар.
Йўл озганга, десанг, сўлинг тўғридур,
Бу унга жафою ситам, зулм эрур.
Хатонгни демаслар юзингга агар,
Жаҳолат-ла айбингни дерсан ҳунар.

* * *

Шу хил бўлки, олам десин офарин,
Ёмон демасин ўлганингдан кейин.
Ёмонлик билан умр ўтказмагил,
Сенга токи ёғдирмасин лаънат эл.

* * *

Гар иш ақлу тадбир билан ҳам бўлур,
Яраш ёв билан жангдан афзал эрур.
Енгиш ёвин зўр бирла бўлса қийин,
Керак зар-ла ёпмоқ уруш эшигин.
Агар хавф эса сенга ёв зарбидан,
Тилин боғлагил лутфу эҳсон билан.
Зарар ўрнида ёвга соч сийму зар,
Ёв ўткир тишин лутф бўлмас этар.
Бўлур чалса тадбир ноғорасини,
Қилур хийла зўрларни чорасини.
Чунон айлагил душманинг ҳурматин,
Кейин пўстини шил, топиб фурсатин.

* * *

Агарчи эсанг қанчалик паҳлавон,
Урушдан яраш яхшидир ҳар қачон.
Кучинг етмаса гар муроса билан,
Раводир кўтарсанг қилич унда сан.
Бўйин товлама, ёв яраш истагач,
Жилов тортма, душман кураш истагач.

* * *

Темир қалъани ағдарур саъй этиб,
Қари фикру ёшлар қилич ишлатиб.

* * *

Агар ёвдан ортиқ эсанг қанча ҳам,
Тунаб қолма ёв юртида ҳеч дам.

* * *

Жаҳонгашта эр марду оқил бўлур,
Кўп иссиқ-совуқларни кўрган эрур.

* * *

Гар обод бўлсин, десанг, юрту эл,
Улуғ ишни ҳар кимга топширмагил...
Кичикларга топширмагил катта иш,
Эзолмайди сандонни мушт ёки тиш...
Десангким, ҳароб бўлмасин бу жаҳон,
Синовсизга топширма иш ҳеч қачон.
Чопар овчи ит шерга пайти билан,
Уруш кўрмаган шер қочар тулкидан.

* * *

Туриш беғам икки заиф ёв аро
Эмас мардлик, ушбу ишдир хато.
Агар тил бириктирсалар ҳар иков,
Бўлурлар жасоратли бир катта ёв.
Бирин макру найранг-ла овора қил,
Бирин янчибон, майли, юз пора қил...
Ёвинг душмани бирла дўстлик зарур,
Ўшанда жаҳон унга зиндон бўлур.
Ғажир бўрилар бир-бирини агар,
Шу фурсат аро қўйлар ором олар.

* * *

Қилич қўлда-ю, жангда бўлганда ҳам,
Унутма яраш йўлини ҳеч дам.
Билимли, ҳунарманд, баҳодир эли,
Қилур зоҳиран жапг, ярашда дили.

* * *

Ширинсўз ғаразгўйдан этгил ҳазар,
Бўлур, эҳтимол, ул асалда заҳар.

* * *

Агар банди ичмоқчи бўлганда қон,
Ситамгарнинг қонин сўрар беомон.

* * *

Кишиларга билдирмагил ниятинг,
Кўпинча бўлур гаптошар улфатинг.

* * *

Жаҳонни мусаххар қилурман десанг,
Халойиққа шафқат қил-у, қилма жанг.
Агар лутфу шафқат-ла иш бўлса ҳал,
Ёмонлик керак бўлмагай ҳеч маҳал.

* * *

Тирикликда ғам е, сен ўлган кўноқ,
Ўғил-қизда мерос бўлур иштиёқ.
Бутун бойлигинг элга бергил — есин,
Сеники эмас ўлганингдан кейин.

* * *

Тиланмаслигинг шукрин эт доимо,
Қуруқ қўйма эшикка келса гадо.

* * *

Етимлар бошига мудом соя сол.
Арит гарду чангин тикан кирса ол.
Етим турса олдингда маъюсдил,
Ўз ўғлингни ҳатто ўпиб суймагил.

Ҳ и к о я т

Деди бир ақлликка бир ҳийлакор:
«Чуқур лойга ботдим, кетибдир мадор.
Бир аблаҳдан олган эдим ўн дирам.
Юрак ичрадир неча ботмон бу нам.
Туним доимо қайғу бирла ўтар,
У соям каби кундузи эргашар.
Кўнгил ранжитар ҳар гашт ҳар замон,
Юракни тешар сўзи ханжарсимон.
Худо унга бермабди гўё кўмак,
Бутун умрида ўн дирамдан бўлак.
Қун ўтказмайин доимо ҳар саҳар.
Келиб беибо эшигимни қоқар.
Сурарман хаёл: «Қайси ҳимматли эр.
Дегайки: «Мана, ол-у, қарзингга бер!»
Бу сўзни эшитгач, у нуроний чол
Бериб икки тилла, деди: «Ола қол!»
У ёлғончи пулни қўлига олиб,
Қадар кетди зардек юзи очилиб.
Биров чолга дедики: «Билгил уни,
Киши йиғламайди у ўлган куни.
Эгарлаб минар шерни ҳам ул гадо,
Абу Зайдни ҳам мот этар мутлақо».
У дам обид аччиғланиб деди: «Бас!
Бу ишнинг сири менга маълум эмас.
Агар тўғри бўлса, уни ёқладим,
Элу юрт аро ҳурматин сақладим.
Агар сўзи ёлғону ҳийла эрур,
Ўзинг ўйла, охир пушаймон бўлур.
Мен ўз ҳурматим сақладим зар билан
У ёлғончию ҳийлагар макридан.
Қил эҳсон ёмон бирла яхшига ҳам,
Ҳам эҳсон бўлур, ҳам бўлур дафъи ғам».

М а с а л

Қизига деди яхши деҳқон аёл:
«Тўкинликда очликни қилгил хаёл.
Идишларни сув бирла тўлғаз тамом,
Ариқдан оқиб турмаган сув мудом.
Бутун давлатинг дўст учун сочмагил,
Зарар бергувчи ёвдан андиша қил.
Қуруқ қўл қилолмайди мушкулни ҳал,
Узун қўл ўяр дев кўзин ҳар маҳал.
Бору йўқни сарф этганингдан кейин,
Топилмас керак вақтида бир тийин.
Гадолар-ку тўймайди хайринг билан,
Ўзинг оч қолурсанми, деб қўрқаман».

Ҳ и к о я т

Дўкондан олиб Шиблий бир халта дон,
Кўтарганча кишлоққа етди шу он.
Чумолини кўрдики, сарсон бўлиб,
Юрар дони ичра паришон бўлиб.
Бутун тунда уйқуси келмас эди.
Олиб келди ўз жойига, сўнг деди:
«Мурувватдан эмас чумолини ман
Айирсам, жудо қилсам ўз жойидан».
Эзилган кишилар дилин шод қил,
Ўшанда дилинг нюд бўлур муттасил.
Эшит нок Фирдавсийдан сен буни,
(Худо ёрлақаб, рахмат этсин уни):
Чумолини ранжитма асло дилин,
У ҳам жонлидир, ҳаммага жон ширин.
Босиб, эзма ожизни, эй паҳлавон,
Ўзинг ҳам бўлурсан бироқ нотавон,
Ёмон ҳолга тушганни шод эт дилин,
Унутма, ёмон кун келиб қолмасин.
Қара: шамъ парвонага ўт қўйиб,
Ўзи ҳам эл олдида битди куйиб.
Биров балки сендан кўра нотавон,
Биров балки сендан кўра паҳлавон.
Керак, эй ўғил, ваҳший овига зўр,
Кўнгил овламоқликка эҳсон зарур.
Қилиб яхшилик, боғла ёв бўйнидан,
Кесилмас бу занжир сира тиғ билан.
Ёмонга ёмонлик қилур дўсти ҳам,
Экиб арпа, ким қилди буғдой ғарам.
Солурсан агар дўстга ранжу алам,
У келмайди, боқмайди рангингга ҳам.
Агар ёвга ким шафқатин кўрсатар,
У ҳам охири балки дўсти бўлар.
Ёмонларга ҳам меҳрибон бўл мудом,
Тузинг оқлагай итга берсанг таом.

Ҳ и к о я т

Эшитдимки, бир марди покизадил,
Юрарди Рум атрофида муттасил.
Жаҳонгашталар-ла эдим ҳамсафар,
Зиёрат қилурмиз уни, дедилар.
Униб юз-қўлин ҳар кишини у дам,
Қилиб ҳурмат ўтқазди, ўтирди ҳам.
Бадавлат экан, бор экан унда бахт
Ва лекин ўзи мсвасиз бир дарахт.
Юзи иссиғ-у сўзда хўб меҳрибон
Ва лекин ўчоғ музда, сувда қозон.
У уйғоқ бутун тунда тоат билан,
Биз уйғоқ — қорин оч, қаноат билан.
Тонг отгач, эшик очди бел боғлабон,
Ўшал кечагидек ширин, меҳрибон.
 Бор эди ширин бир пигит — шўхчан.
Мусофир шу манзилда у биз билан.
Деди: «Бўса» ҳарфин тузат, сўнгра бер.
Гадо бўсадан тўшани яхши дер.
Қилиб эҳтиром, кавшим артиш надур?
Бериб менга нон, майни кавш ила ур!»

Ҳ и к о я т

Эшитдимки, Ҳотамда бир тимқаро
Оти бор экан, учқуру бебаҳо.
Момогулдиракдек экан кишнаши,
Чақиндан ўзар унга минган киши.
Чопар тоғу саҳрога у тер сочиб.
Булут, дердинг, ўттанда оғзин очиб.
У селдек борар чўлда борган сайин.
Қолар чанг каби ел ҳам ундан кейин.
Шаҳарларда Ҳотамни эл мақташар.
Унинг мадҳи султони Румга етар.
Сахийликда ҳеч тенги йўқ дердилар,
Учар отини мақташар эрдилар.
Оти — кема дарёда, чўл ичра — сел,
У учганда шунқор учолмас дадил.
Деди шунда доно вазирига шоҳ:
«Уятдир адоват қилиш бегуноҳ.
Тилай зотли тулпорини бир сафар,
Мурувват-ла топширса Ҳотам агар.
Билурман, сахийдир, агар рад қилур,
Довул бонгидек шуҳрати пуч эрур».
Илмли бир оқилни Тайга шу он,
Қўшиб ўн киши бирла қилди равон.
Булут ёш тўкарди ер ўлгансимон,
Шамол қайтадан келтирар эрди жон.
Юриб етди Ҳотам уйига алар,
Дегил, сувга етди юриб ташналар.
Сўйиб оту қанду шакар тўкди у,
Этаклаб тўла нуқра — зар тўкди у.
Тунаб ул кеча, эртаси эрталаб
Улар этдилар отни ундан талаб.
Паришонлик ўртарди Ҳотам дилин,
У ҳасрат тиши бирла тишлаб қўлин,
Дер эрди: «Аё оқили зуфунун,
Бурунроқ менга айтмадинг не учун?
Мен ул учқур отимни сўйган эдим,
Пиширган эдим, сизга қўйган эдим.
Кеча бўлди-ку шунча бўрон-шамол,
Бориш қўрага бўлди амримаҳол.
Қўлимда йўқ эрди шу отдан бўлак,
Шуни поилож кеча этдим газак.
Менимча, мурувват эмасди шу он,
Қараб турсам-у, ётса оч меҳмон.
Сахинлик-ла дунёда қолсин отим,
Агар кетса ҳам, майли, шундай отим».
Жўнатди бериб молу зар шул нафас,
Табиий эрур хулқу, касбий эмас.
Етиб Румга Тай мардидан хушхабар,
Деди шаҳ: «Яша! Офарин! Топ зафар!»
Шу бирлан тугал дема Ҳотам ишин.
Эшит яхшироқ қиссасин айтайин.

Ҳ и к о я т

Биров эшаги лойга ботган эди,
Бу ишдан дили қонга ботган эди.
Ёғар эрди ёмғир, эди чўл совуқ.
Бутун ер юзида қоронғу қуюқ.
Тонг отгунча аҳволи оғир эди,
Сўкинди — тилига не келса деди.
Сўкар эди шоҳу гадоларни ҳам,
Бугун душману ошноларни ҳам.
Келиб қолди шу лаҳзада подшо,
Бироқ сезмади у киши мутлақо.
Эшитгач унинг кўп ҳақоратларин,
Бирор сўз демоқ шоҳга бўлди қийин.
Уялди-ю, боқди сипоҳлар томон,
Деди: «Нега сўккай мени кўп ёмон?»
Бири айтди: «Эй шоҳ, бошин кес шу дам,
Бу дард ўтмасин то бўлакларга ҳам».
Назар солди шоҳ унга ушбу маҳал:
Эшак лойда, кулфатдадир камбағал.
Шу дамда ғарибнинг гуноҳин ўтиб,
Унутди ҳақоратни — жаҳлин ютиб.
Зару оту тўн берди ушбу маҳал,
Қасос вақтида меҳр қандай гўзал!
Бироқ деди: «Эй беақл, содда чол,
Тприк қолмоғинг эрди амримаҳол».
Деди: «Шиква менга мувофиқ эди».
Шу қилган иши шоҳга лойиқ эди.
Ёмонликка осон ёмонлик қилиш,
Ёмонлик учун яхшилик — оғир иш.

Ҳ и к о я т

Биров сарф этишга ботинмас эди,
Пули кўп-у, ҳеч кўзи қиймас эди.
Емас эрди оч юрса ҳам туну кун,
На бергай эди хайру эҳсон учун.
Ўзи — зар асири кеча-кундузи,
Кишан солган олтинга ҳам шул ўзи.
Билиб олди ўз ўғли пойлаб секин,
У нокас кўп олтинларин кўмганин.
Эшитдим: зар ўрнига тош беркитиб,
Совурмиш бутун зарни барбод этиб.
Сахий мардда у зар тура олмади,
Сал ўтмай қўлида сира қолмади.
Ўзини бўғарди ота дод этиб.
Ўғил базм этарди дилин шод этиб.
Ота ухламай, тунда йиғлар эди,
Ўғил эрталаб кулди, унга деди:
«Ота, зарни йиғманг-у, енг, дейдилар,
Зару тошни кўмганда тенг, дейдилар.
Қазиб конлар, олтин олурлар нечун?
Маишат учун, хайру эҳсон учун!
Хасис илгида бўлса олтин агар,
Ҳали ҳам у тош бағри ичра ётар.
Ўғил-қиз билан емасанг зар туриб,
Сира нолима қарғача оҳ уриб.
Бахил бойда ҳар қанча ҳам бўлса зар,
Илондек бу ганж узра босиб ётар.
Илондек зар устида титрар бахил,
Шунинг-чун турар олтини қанча йил.
Ажал топиш-ла янчадирлар уни.
Зарин тақсим этгайлар ўлган куни.
Чумолига ўхшаб, ташиб е бу кун,
Сени гўрда қуртлар емасдан бурун».

* * *

Ақл қанча зўр бўлса-ю номдор,
Уни ишқ зўри қилур тор-мор.

* * *

Бўлак яхши ном истама — шул етар:
Сени яхши одам деса, эл агар.

* * *

Ақлли улуғлар жаҳонда сира,
Ғарибларга кулмас қилиб масхара.
Кўпинча улуғлар тушиб қолдилар,
Ғариблар улар ўрнини олдилар.

* * *

Агар мард эсанг, ҳеч мақтанмагил,
Зафар топмади мақтаниб кимса, бил.

* * *

Пиёз пўст эрур — бошқа ҳеч нарса йўқ,
У ўйлар ўзин пистадек мағзи тўқ.

* * *

Киши пул билан бўлмаган муҳтарам,
Эшакдир эшак гар ипак кийса ҳам.

* * *

Ширин сўзли шилгай ғаним пўстини.
Дағал сўзли душман қилур дўстини.
Юзин кимки сандон каби айламас,
Боши болғадан ҳеч зарба емас.
Зафар топса бўлгай ширин сўз билан,
Азобда юрар ким дағалсўз экан.
Ширин сўзни урган мудом Саъдийдан,
Дағал сўзли одам ўтар ғаҳ билан.

* * *

Ўзингга ёмонликни кўрма раво,
Дағал сўзли бадбахт бўлур доимо.
Агар йўқ экан сенда молу пулинг,
Бу Саъдийча ҳам йуқми ширин тилинг?

* * *

Улуғлар жафосини кўрмай киши,
Кичиклар азоб чекса ҳам йўқ иши.

* * *

Чўпон яхшилик бирла қўйгил қадам.
Ёмонлашга сўз топмасин муттаҳам.
Оғир ботса душман сўзи, англа, бил.
Не айбингни айтса, шуни қилмагил.
Шу одам бўлур менга чин дўсту ёр -
Ки, айбим юзимга деса ошкор.
Эл олдида бўлғунг азиз, мўътабар,
Ўзингни десанг ҳаммадан кам агар.

* * *

Зафарнинг калиди сенда йўқ экан,
Очилмайди бахт эшиги зўр билан.

* * *

Дема ҳар садаф қорнидан дур чиқар,
Ва ё ўқ нишонга тегар ҳар сафар.

* * *

Ўзига қараб иш қилур мардлар,
Уялмас киши лоф урмас агар.

* * *

Қароқчи эрур яхшироқ, эй жиян,
Ўзини пок кўрсатган ифлосдан.
Риё сиртига бермагил эътибор,
Бу сув остида балчиғу лойқа бор.

* * *

Кўрингай кийим авраси ҳар қачон,
Шунинг-чун у яхши-ю, астар ёмон.

* * *

Керак бўлса сенга агар яхши ном,
Ясатма ташинг, дилни пок эт мудом.

* * *

Есам арпа нонини меҳнат билан.
Шириндир бировларнинг оқ нонидан.

* * *

Қорин бандаси ухламас тун бўйи,
Биров жаз-жузида қулоғи, ўйи.

* * *

Бол излаб, егунча ари наштарин.
Қаноат билан шинни есанг ширин.

* * *

Дили ғамли шоҳдан жаҳонда, ахир,
Дилида ғами йўқ гадо яхшидир.

* * *

Дилинг куймасин ноумидлик билан,
Ёруғ кун туғилгай қаро кечадан.

* * *

Етук дуршунослар садаф сингари
Очарлар оғиз келса сўз гавҳари.
Сўзи бирла овора сергап бари
Насиҳат эшитмайди кар сингари.
Агар сўзласанг бетиним, зўр бериб,
Қолурсан биров сўзидан бенасиб.
Дуруст-нодуруст сўзга сабр айлаган
Эрур яхши ҳозиржавоб лақмадан.
Сўз инсон камолотидир, яхши бил,
Билиб сўзлагил, ҳурматинг тўкмагил.
Яқин бўлма сергап кишилар билан,
Ақл ишлатиб, озу соз сўзла сан.

* * *

Юз ўқ отдинг-у, ҳаммаси ҳам хато,
Бир ўқ бирла ур — бўлса ақлинг расо.
Киши йўқда ҳам демас ул сўзни мард,
Агар фош бўлганда келтирса дард.
Биров ғийбатин қилмагил зинҳор,
Девордан пари ҳам эшитгувчи бор.
Дилинг шаҳру, сир — банди бу шаҳраро,
Шаҳарни очиқ кўрмасин мутлақо.
Тилидан ёнар шамъ мажлис аро,
Шунинг-чун тилин йиғди ақли расо.

* * *

Ажаб тотлидир бараҳманнинг сўзи:
«Ўзин ҳурматин сақлар одам ўзи».

* * *

Мабодо сиринг бўлса фош эл аро,
Ёпиш қайта мумкин эмас мутлақо.

* * *

Алангаки, бошдан-оёқ тил эрур,
Бир оз сув билан ўчирилса бўлур.

* * *

Ҳунарманд киши мен ҳунарманд демас,
Уни таъриф айлар ҳунар ҳар нафас.

* * *

Агар сенда мушк йўқ, жим ўлтир, ахир.
Агар бўлса, ҳиднинг ўзи айтадир.

* * *

Ёмон сўзга солма қулоқ ҳеч қачон.
Кўзинг юм яланғочни кўрган ҳамон.

* * *

Ўзини тутар яхши доно киши,
Бировнинг иши бирла бўлмас иши.

Ҳ и к о я т

«Ҳазилми?» — дедим, кимса сўзлар эди,
Ўғирликни ғийбатдан аъло, деди.
Дедим унга: «Эй фикри хом, беақл,
Ишонмайди бу қиссага ақлу дил.
Ўғирликда не фазл кўрган эдинг,
Ўғирликни ғийбатдан афзал дединг?»
Деди: «Чунки ўғри жасорат қилур.
У мардлик кучи-ла қорин тўйғазур.
Не орттирди ғийбатчи ғийбат қилиб?
Фақат қолди ўзи хижолат бўлиб».

* * *

Вазифа ер эрдим Низомиядан,
Ўтарди куним дарсу такрор билан.
Мударрисга бир кун аёни дедим:
«Ҳасад қилди менга фалони, — дедим.
Қачонким, сўзим маъни додин берур,
Негадир, унинг қорни тарс ёрилур».
Мударрис сўзимни эшитган эди,
Келиб аччиғи, анча афсус еди.
Дедиким: «Сенингча ҳасад-ку хунук,
Дегил, сенга ким айтди — ғийбат тузук?»
Кишиларни ҳар кимки, деркан ёмон,
Сени ҳам у яхши демас ҳеч қачон.
Ёмонлайди ҳар жойда орқангдан у,
Бировларни ҳам у ёмонларди-ку!

* * *

Демишларки, уч шахсга ғийбат раво,
Ошиб кетса тўртинчисига — хато.
Бири подшоҳу жафокор эрур,
Эл ундан ҳама вақт безор эрур.
Унинг зулмин айтмоқ ҳалол дам-бадам,
Билиб, эҳтиёт бўлгуси халқ ҳам.
Иккинчи ҳаёсиз — яширма уни,
Ўзин пардасин йиртади ҳар куни.
Ҳовузга тушишдан уни тўсмагил,
Қудуқда йиқилгай, ахир, яхши бил.
Учипчи — тарозуда алдоқчилар,
Ёмон феълидан қанча билсанг — гапир.

Ҳ и к о я т

Эшитдимки, бир ўғри чўлдан келиб,
Сейистонга кирди саёҳат қилиб.
Ўзига керакли емак ичмакин.
Сотиб олди баққолдан у қанчасин.
Тарозудан баққол ўғирлаб эди,
Солиб шовқин, ул ўтри шундай деди:
«Агар тунда йўлни тўсар ўғрилар,
Сейистонлик кундуз куни йўл тўсар.
Ёмон феъл учун тунда ҳам қўрқаман,
Бу кундуз кунн қўрқмагай кимсадан».

* * *

Кишиларки, душман сўзин келтирур,
Улар душманингдан ёмонроқ эрур.
Киши элтса дўстига душман сўзин,
Қилибдир у душманга чин дўст ўзин.
Туриб юзма-юз сўз деёлмайди ёв,
Мени сўз билан қўрқитолмайди ёв.
Ёв айтолмаган сўзни менга аён
Дегайсан, шунинг-чун сен ундан ёмон.
Чақимчи яна эски кек қўзғатар,
Ювошган кўнгилни ғазаблантирар.
Сен унга яқинлашма мумкин қадар -
Ки, ўлган илон бошини қўзғатар.
У зиндон аро гар кишанда ётир,
Чақиб юрганидан шу ҳам яхшидир.

* * *

Уруш — икки тан ўртасида олов,
Чақимчи ўтин тошигувчи мохов.
Эрур ҳаммадан ҳам чақимчи ёмон,
Унингдек разил кўрмадим қеч қачон.
Бузуқ фикру нодонлиги бирлан ул,
Бузар икки дўст ўртасини нуқул.
Булар дўстлашурлар бўлиб жону дил,
Уятга қолур ўртада ул разил.
Икки тан аро кимки ўтлар ёқар,
Ақлдан эмас бу, ўзи ҳам ёнар.
Бу Саъдийча хилватда ким завқ олур,
Тилин икки оламдан ул тортадур.

* * *

Хотин бўлса гар поку ақли расо,
Эрин шоҳ этар гарчи бўлса гадо.
Кўнгилга мувофиқ эса ёр агар,
Зафар созини чалки, топдинг зафар.
Агар ғамгусор эрса ёр тун бўйи,
У ғамни дема ғам, есанг кун бўйи.
Агар бўлса ёринг иноқу гўзал.
Муродингга етдинг — муродинг ўшал.
У бўлса ширинсўзли-ю покдил,
Уни ё хунук, ё гўзал демагил.
Дили пок хотин агарчи хунук,
Ёмон хулқли хушнамодан тузук.
Эри сирка берса, у ҳалво дегай,
На ҳалпо ебон эрга аччиғлагай.
Дил оромидир яхши бўлса хотин,
Ёмон бўлса, ундан Худо сақласин!
Эса тўти бир зоғ билан ҳамқафас,
Қафасдан қочиш истаган ҳар нафас.
Бошингни олиб кетгил оворавор
Ва ё бўйнинг эг унга бечоравор.
Ковуш тор эса, киймаган яхшидир,
Уруш бўлса уй, турмаган яхшидир.
Ёмон хотини бўлса уйда агар,
Ҳайитдек бўлур ул кишига сафар.
Ул уй ичра ёп шодлик эшигин,
Уруш бирла шовқин чиқарса хотин.
Хотин бўлса нодону ҳам кирюрак,
Хотинмас, бошингга балодан дарак.
Хотиннинг ёмони оғир бир азоб,
Хотин яхшиси ёру олижаноб.

Ҳикоят

Биров хотини бирла носоз эди,
Келиб кекса донога нолиб деди:
«Юким кўп оғир душманим дастидан,
Чунонки, тегирмон тошин остиман».
У доно дедиким: «Керакдир чидам,
Чидам берса, эр бўлмагай бўйни хам.
Тегирмон тошисан-ку кирганда тун.
Тонг отганда бўлмайсан ости нечун?
Узиб гулни, бўлган эсанг шодмон,
Тикан дардини тортасан бегумон.
Есанг бир дарахт мевасин муттасил.
Тикан санчилиб қолса, дод демагил!
Кўча севгиси уйни барбод этар.
Уйингни хотин меҳри обод этар».

* * *

Жаҳондан кечиб, ғорда жой топса ҳам,
Бутун эл юзига эшик ёпса ҳам,
Қутулмас киши айб изловчидан,
Тузукми, бузуқми — ёшинган билан.
Бўлур куч билан тўсса дарё йўлин,
Тўсиш мумкин эрмас чақимчи тилин.
Ва ё тулкилик, хоҳ шерлик билан
Қутулмайсан асло улар дастидан.
Агар кирса хилват аро ҳар киши,
Унинг бўлмаса кимса бирлан иши.
Маломат қилурларки, айлаб риё,
Қочар халқдан дев каби доимо.
Агар бўлса хушсуҳбату покдил,
Демаслар бу покиза ёки асил.
Қийин кунга қолса бирор камбағал.
Дегайлар бу бадбахт эрур ҳар маҳал.
Куйиб йиғласа бир ғарибу гадо,
Дегайлар бу қашшоқ бу бахти қаро.
Келиб қолса бир бой ва ё подшоҳ,
Дегайлар буни бизга берди Худо.
Бу манманлиг-у кибр токай бўлур,
Бу шодликни орқасидан ғам келур.
Бирор камбағалга келаркан агар,
Шараф, омаду бахту толе, зафар,
Адоват-ла тиш қайрашурлар ҳадеб —
Ки, дунё боқар пасту номардга деб.
Ишинг ўнг келиброқ юришса агар,
Ҳарис ёки дунёпараст дейдилар.
Қўл урмас эсанг ишга ҳиммат қилиб,
Текинхўр дейишгай маломат қилиб.
Бу эзма, дегайлар, гапирсанг сени,
Бу — сурат, дегайлар, жим эрсанг сани.
Демаслар чпдамлини бу мард экан,
Дегайлар бошни эгди қўрқув билан.
Агар бўлса бошида мардоналик,
Қочарлар дебон бу девоналик.
Агар кам еса, таън этиб дейдилар:
«Бўлаклар унинг молини ейдилар».
Агар у топиб еса яхши таом,
Қорин бандаси бўлди, дерлар мудом.
Қилиб балки ортиқча зийнатдан ор,
Кийиб юрса оддий либос молдор,
Ўзидан аяр пулни, бадбахт дебон,
Қилурлар унга тилни ханжарсимон.
Уйини агар ранг-баранг нақш этар,
Танига агар тоза шоҳи кияр,
Ғаразгўйлари таън этиб ҳар куни,
Ясангай хотинларча, дерлар уни.
Сафар қилмаса гар дили пок эр,
Сафар қилгувчи они номард дер.
Дегайким, хотин олдидан чиқмагай.
Ўзин ақлини то ҳануз йиғмагай.
Жаҳонгаштанинг ҳам шилиб терисин,
Дегайлар у сарсону бадбахт, лаин.
Унинг бўлса бахтдан насиби агар,
У бўлмас эди дарбадар, дейдилар.
Хотинсиз йигитни ғажиб бир талай,
Дегайлар: гуноҳига ер титрагай,
Хотин олса, дерларки, нафси учун
Эшакдек ботиб қолди лойга бу кун.
Ғажирлар кўримсизни ҳам ҳар нафас,
Гўзалларни қандай улар чайнамас.
Агар чиқса жаҳонга бирор он сени.
Дегайлар бу жоҳил, паришон сени.
Биров бирла қилсанг муроса агар,
Бунинг ғайрати асли йўқ, дейдилар.
Дегайлар сахийга насиҳат қилиб:
«Пулинг қолмагай, сарф қилгил билиб».
Қаноат била юрса, қўйса қадам.
Маломатга қолгай у бечора ҳам.
Дегайлар у нокас отадек ўлар,
Кетар қайғу тортиб, бу дунё қолар.
Кишидан киши ҳеч қутулмас экан,
Асир ўз иложни топар сабрдан.

Ҳикоят

Бир оқил, ҳунарманд йигит бор эди,
Жуда нотиқу марду ҳушёр эди.
Художўю покизадил, хуш қилиқ.
Қаро мўйлаби ҳуснихатдан силлиқ.
Луғатдон, билимдону илми етук.
Деёлмасдн «ш» ҳарфин аммо тузук.
Бир оқил кишига дедим бир куни:
«Тиши йўқми олдин қаторда уни?»
Менинг бу сўзимдан қизарди шу он,
Деди: «Ну каби сўзни айтмоқ ёмон.
Кўзингни юмиб бир талай фазлидан,
Кўриб биргина айбини айтасан».

X и к о я т

Йиқитди чўчиб оти шаҳзодани,
Танига ботиб кетди бўйни ани.
Тану бўйни бир бўлди филдек шу дам,
Тан айланман, айланмагай калла ҳам.
Табиблар турар эрди ҳайратда жим,
Фақат шунда юнонлик доно ҳаким
Томирларни ишқаб, бошин тиклади,
Йўқ эрса, у гўрга тиқилгай эди.
Эшитти — унутмиш унинг хизматин,
Гапирмас эмиш ҳеч унинг қийматин.
Шоҳ олдига келди яна бир маҳал,
У пасткаш назар солмади лоақал.
Уялди у доною, эгди бошин,
Эшитдим, ўзича дер эрди секин:
«Бураб бўйнин ул кун илож қилмасам,
Бу кун юз ўтирмасди мендан бу ҳам».
Қулидан юборди у бир доруни,
Солиб ўтга, ҳидлаш керак, деб уни.
Шоҳ олдига еткузди кул ҳам шу он,
Унинг айтганин қилди шоҳ шул замон.
У дам шоҳни чучкуртди ҳидли тутун,
Танига яна ботди бошу бўйин.
Ҳакимга узр айтгали ул куни,
Кўп ахтардилар — топмадилар уни.
Киши яхши кун қадрини билмагай,
Ёмон кун агар бошига келмагай.
Совуқ йилда қишлаш ғарибга оғир,
Бадавлат киши қайда сезгай, ахир.
Агар йўлда чаққонсан у довюрак,
Шукр қил, юролмасга бергил кўмак.
Қариларга ёшлар кўмак айласин,
Ғарибларни давлатлилар қўлласин.
Сув қадрини сен кемачидан кўра,
Қуруқ чўлдаги ташналардан сўра.
Киши дард чекиб то касал бўлмагай,
Тани соғлик қадрини билмагай.
Қоронғу кеча кўп узанган билан.
Па бплснн уйида қотиб ухлагап.
Иситма азобида ўткарса тун.
Шу одам билурким, тун эрмиш узун.
Хўжа энди турди — чалингач довул,
На билгайки, қандай тун ўтказди қул?

* * *

Ёмон кетидан тушмагил аввало,
Тушибсанми, маҳв эт уни мутлақо.

* * *

Тили бўлса эди ўликда агар,
Дер эрди қилиб доду фарёдлар:
Умр ўтди бизларда ғафлат билан,
Қўлингдан бу фурсатпи бой берма сан!

* * *

Минг афсуски, шундай ажойиб ҳаёт,
Яшиндек ўтиб кетди тез, бесабот.
Пиёла синиб, унга тушса қадоқ.
Унинг нархи тушгай ўшал ондаёқ.

* * *

Умидинг агар эрса хирмон қилиш,
Экинни қил ўз вақтида парвариш.

* * *

Маломат билан қилма умрингни ҳайф,
Шу фурсат ғаниматдир, «Алвақту сайф!»

* * *

Бу боғ сарви қанча баланд бўлса ҳам,
Бошини ажал ели қилгувси хам.
Топар воя ўттиз йил ичра ниҳол,
Емиргуси бир зумда қаттиқ шамол.
Жигарни кабоб этди бу икки байт,
Рубобчи ўқирди эсимда у пайт:
«Минг афсуски, бизсиз келур кўп баҳор,
Очилгай кулиб, яшнагай лолазор.
Келур фасллар қанча йиллар, эсиз,
У вақтларда биз ғишту тупроқмиз...»

Ҳ и к о я т

Топиб олди бир тилло ғишт бир киши,
Хамиша художўйлик эрди иши.
Тўсиб ақлини, қилди тилло гаранг,
Бу савдо билан қалбини босди занг.
Бутун тун бўйи ўйича дер эди,
Туганмас умр бўйича дер эди:
«Ялинмоқ, тиланмоқ билан қоматим
Бировга эгилмас, кетиб ҳурматим.
Солай ости мармар ажойиб бино,
Тўсин, васса, шамшоду уд, ҳоказо.
Солай бир гўзал ҳужра дўстларга хос.
Очай боғдан эшик, ёзай соз палос.
Зерикдим бу йиртиқ-ямоқ дастидан.
Учоқ тафтида ёнди-ку жону тан.
Пиширсин таомларни ошпаз келиб.
Қилай парвариш жонни роҳат қилиб.
Жуда қийнади жонни қаттиқ намат,
Ётай парқу, шоҳида энди фақат».
Кетиб ақли, бўлди ўзи телбатоб.
Бошин мағзи ҳирс панжасида ҳароб.
Чиқиб кетди саҳрога мағрурланиб,
На турди, на ўлтирди у айланиб.
Биров гўр ўйиб, лой қиларди шу кун.
Бу гўр лойидан ғишт қуймоқ учун.
Чуқур ўйга ботди ўшал дамда чол.
Деди нафсига: «Кўргил-у, ибрат ол.
У ғиштга дилинг бердинг, эй бехабар.
Сени лой қилиб, бир куни ғишт қуяр.
Тамаъ оғзи очиқ эрур доимо,
Юмилмайди бир луқмадан мутлақо.
Кеч, эй ҳиммати паст, бу ғишт меҳридан,
Тўсолғунгми дарёни бир ғишт билан?
Пулу мол йиғишни қилурсан хаёл,
Этиб умр сармоясин поймол.
Ғурур чанги ақлинг кўзини тўсар,
Кибр ўти умр хирмонига тушар.
Ғурур сурмасидан пок этгил кўзинг
Етиб гўраро сурма бўлгунг ўзинг».

* * *

Биров маргидан бўлмагил шодмон,
Сени ҳам тирик қўймагай бу жаҳон.
Бу бош охири бўлгусидир фано,
Дегайсан кўзи йўқ эди мутлақо.
Чопардим баланд тепани бир замон,
Қулоғимга етди бу оҳу фиғон:
«Ҳушинг бирла тешангни оҳиста ур,
Юзу кўзу бошу қулоқ шундадир.
У кун шоҳ эдим — мулким эрди жаҳон,
Қаро ерга тенгман, қара, бу замон».

Ҳ и к о я т

Бир аблаҳ ўзи эл ҳақин ер эди,
У ҳар дамда шайтон лаин дер эди.
Кўриб йўлда, шайтон унга дедиким:
«Сенингдек разил дунёда кўрмадим.
Ахир, дилда-ку иккимиз дўстмиз,
Нега тиғ кўтардинг менга, бетамиз?!»
 
- Шоислом Шомуҳамедов таржималари -

Яхшилик қилган ҳеч кўрмас ёмонлик,
Ёмон ўз жонига топмас омонлик.

* * *

Мусофирга меҳр кўргузсанг агар,
Улар яхши номинг оламга ёяр.

* * *

Улуғлар зъзозлаб ғариб одамни.
Шуҳратлари тутди бутун оламни.
Озор чекиб кетса ғариб хотири.
Мамлакат шуҳрати сўнар охири.

* * *

Бегонадан бўлмоқ керак эҳтиёт,
Дўст қобиғи ичра учраб турар ёт.

* * *

Қаттиқлик, юмшоқлик юз берар боҳам,
Табиб ҳам ниш урар, ҳам қўяр малҳам.

* * *

Мард бўл-у, карамли, ҳам хушфеъл бўл,
Ҳақ сенга, сен эса бандага топ йўл.
 
* * *

Донолар сўзини ёдингга олсанг:
«Синамай иш тутган ҳоли бўлур танг».

* * *

Ўйлаб кўр ўқини бўшатмай камон,
Бўшатиб, сўнг ўйлаб, бўлма пушаймон.

* * *

Ишим, сўзим тўғри бўлса, не ғамим,
Нима деса-десин ғийбатчи ғаним.

Ҳ и к о я т

Эшитдим — адолатли бир подшо,
Кияркан астару авра бўз қабо.
Бири дебди: «Шоҳим, тўнинг жуда жўн,
Хитойи шоҳидан тикдир яхши тўн!»
Дебди: «Бул кийимда танга осойиш,
Бундан ортиғидир зебу оройиш...
Менинг бошимда ҳам юз-юзлаб ҳавас,
Лекин ғазна танҳо меники эмас.
Қўшинлар ҳақидир бойлигу гавҳар,
Шоҳ зийнати учун эмас сийму зар.
Гар аскар бўлмаса шоҳидан ризо,
Ватан чегараси қолур хавф аро.
Деҳқон эшагини талаб кетса ёв,
Нечук солиқ солар султон беаёв.
Ғанимлар таласа, шоҳи олса бож,
Не иқбол кўради ундай тахту тож.
Йиқилганга зўрлик мурувват эмас,
Аъло қуш чумоли донини емас...
Кишвар олиш мумкин соз хулқинг билан.
Қон тўкма жанг қилиб ўз халқинг билан.
Қасам мардлик ҳаққи, бутун кенг жаҳон,
Сира арзимайди ерга томса қон.
Эшитдим бахтиёр Жамшид подшо,
Булоқ бошга ёзмиш шундай бир маъно:
«Кўплар ҳам бу чашма бошига етди,
Сув ичди, дунёдан кўз юмиб кетди.
Қанчаси зулм ила оламни олди.
Гўрга ўзи кетди, олгани қолди».

Ҳ и к о я т

Эшитдим, бир куни ов қилиб қувноқ.
Улуғ Доро кетмиш лашкардан йироқ.
Қўққис рўпарадан чиқмиш йилқибон.
Қўрқувда дилидан ўтказмиш султон:
«Бошламасдан бурун бу менга ҳужум,
Бир аниқ ўқ билан гум қилайин, гум!»
Шундай, уни душман этибон гумон.
Ўқ тортиб, ўқталди каёний камон.
Ул дер: «Эй Эрону Турон подшоҳи.
Юртингга тушмасин ёмон нигоҳи.
Мен шоҳ йилқиларин нигаҳбониман,
Бунда юрадирман шул хизмат билан»,
Шоҳнинг кўнгли тушиб жойига шу чоқ,
Кулиб унга деди: «Эй ақли чўлоқ,
Нақ жонингга ора кирди фаришта,
Камоним тахт эди, ўқи саришта».
Кулиб шоҳга шундай дебди йилқибон:
«Валломатдан сўзим тутмасмап ниҳон.
Яхшиликка элтмас агар шаҳаншоҳ,
Ажратмаса дўстни душмандан, э воҳ!
Улуғлик шартидир, ҳокимлик нақши:
Кичикларни бир-бир билмоқлик яхши.
Мени саройингга чорлаб неча бор,
Йилқилардан сўроқ қилдинг, ҳукмдор!
Бу кун меҳр билан чиққандим пешвоз,
Душман ҳисоб этдинг, бошлаб тирандоз.
Мингта от ичидан мен, эй шаҳриёр,
Керагин танийман адашмай зинҳор.
Чунки йилқиларим билан ақлим банд,
Сен ҳам йилқиларинг унутма ҳарчанд».
Чўпондан бу сўзни эшитиб Доро,
Яхшилик кўрсатди, айлади дуо.
Кетаркан ўзича дерди кўп хижил:
«Бу сўзни лавҳага ёзиб қўйсин дил.
Тахту мулк хатарда, кучаяр ҳариф,
Шоҳ бўлса тадбирда чўпондан заиф».

* * *

Қўлингдан келганча меҳнат қил, меҳнат,
Меҳнатдан ёғилур бошингга раҳмат.

Ҳикоят

Бир итга дуч келди биров саҳрода,
Ташналикдан ётар жонсиз, афтода.
Дасторин арқондек қудуққа солди.
Учига қалпоғин бойлаб, сув олди.
Хизматга белини маҳкам боғлаб у,
Мажолсиз кучукка қўлдан берди сув.
Унинг бу ишидан тонибон хабар,
Қозидан гуноҳин сўрар пайғамбар.
Ҳушёр бўл, зулмдан қилгил андиша,
Вафою карамни айлагил пеша.
Яхшилик мукофот топди итдан ҳам,
Гар одамга қилсанг, бўлмас ундан кам.
Ҳар ким ўз ҳолича юк кўтарар, бил,
Чигиртка оёғи чумолига зил.

Ҳ и к о я т

Шол тулкини кўриб қолди бир киши,
Кўп ҳайратга солди Худонинг иши:
«Тириклиги қандай ўтар бу аҳвол,
Хўраги не бўлур — оёқ-қўли шол?»
Шундай хаёл билан дарвеш турар лол,
Бир шер чиқиб қолди тишида шағол.
Овин еб, йўлига равон бўлар шер,
Қолган сарқитини тулки тўйиб ер...
Эртасига кўрса, яна шу аҳвол,
Тулки сарқит териб, яшар бемалол.
Буни кўриб, яна фикр қилди у,
Ярагганга беҳад шукр қилди у.
Деди: «Бундан кейин бурчакка кирсам,
Куч бирла ризқ топмас зўравон фил ҳам».
Меҳрибонинг Худо ўзи эрмасми?
Яратгач, ул ўзи ризқинг бермасми?»
На бегона келди унинг қошига,
На дўст етиб келди ғариб бошига.
Ғойибдан ризқ кутиб, ётарди якка,
Оқибат ёпишди пўсти суякка.
Охир қимирлашга қолмади мажол,
Девордан бир овоз келди: «Қулоқ сол,
Ўрнингдан туриб, шер бўл, эй бедаво,
Шол тулки йўлини тутма мутлақо.
Шердек топиб е-да, қолганин ирғит,
Одамсан, тулкидек емагил сарқит.
Шер мағрурлигига одамлик пайваст,
Тулкидек судралган саёқ итдан паст.
Ўзинг топиб егил дўст бирла боҳам,
Ўзгалар сарқитин кўзлама бир дам.
Билак кучинг билан ишлабон халол.
Ҳиммат тарозуси ўлчаганин ол.
Мардлик ила топгил уз роҳатингни.
Бошқадан кўзлама фароғатингни.
Ёшликда тута бил кексалар қўлин,
«Қўлимни тут!» дебон тутмагил қўлин.
Кимдан енгил бўлар халқнинг заҳмати.
Ўшанга ёғилар Худо раҳмати.
Кимда ҳиммат бўлса, унга ақл ёр.
Ҳимматсизда на ҳуш ва на ақл бор.
Яхши ишга келур яхшилик жавоб,
Яхшининг бошига ёғилар савоб.

* * *

Ўзи каби оддий инсон ишқидан
Оромин йўқотар дилу қалбу тан.
Кундуз дилга фитна солур жамоли,
Кечаси банд этар яна хаёли.
Ишқига бир қадам қўйганинг замон,
Унут бўлар ундан ўзга кенг жаҳон.
Севгинг олдида зар тополмас қадр.
Сенинг учун зару тупроқ барибир.
Ўзга ҳамдамлигин дилинг истамас,
У бор жойга сиғмас бошқа бирор кас.
Кўзларинг ичидан берасан манзил,
Кўзлар юмилганда манзилдир кўнгил.
На расво бўлишдан дилда мусибат.
На бир дам тоқатга дилингда қувват.
Жон истаса, лабдан тутарсан жонни.
Тиғига тутарсан бош — саргардонни.

Ҳ и к о я т

Эшитдим созанда созига бир кун
Бир париваш тушиб кетганмиш ўйин.
Ошиқлар ўлтирар эди бўйни хам,
Ўйинчи этаги куймиш тегиб шам.
Дод солиб, ҳар ёқни бузганда жонон,
«Нима бўпти?» демиш бир дили вайрон.
Сенинг этагингга ўт бўлса туташ,
Менинг хонумоним куйдирмиш оташ.
Ёр эсанг, ўзингни унут-чи, қани?
Биттадир ёр ила ошиқнинг тани».

Ҳ и к о я т

Бир ошиқ бор эди шаҳри Самарқанд,
Ширин сўз, тилининг ҳар самари қанд.
Жамолига гаров бўларди офтоб,
Шўхлигидан тақво асоси ҳароб.
Ҳуснда якто у мисоли оят,
Гўё парвардигор этмиш саховат.
Ўтганда ундан кўз узилмас асло,
Дўстлари қиларди унга жон фидо.
Ул эса маъшуқа кетида соя,
Бир куни маъшуқа дер бекиноя:
Эй хира, кетимдан юрмоғинг бежо,
Сенинг тузоғингбоп қушмасман асло.
Билки, сени яна кўрсам шу алфоз,
Бошингни узайин мисли қиличбоз!»
Биров дебди: «Бошинг олиб қоч йироқ,
Ўзингга йўл танла бундан осонроқ.
Бунга эришмоғинг, наздимда, душвор,
Жонон, деб жонингдан айрилма зинҳор!»
Бу сўзни эшитиб ошиқи шайдо,
Дилидан кўтариб оҳу вовайло.
Деди: «Қўй, бўлайин тиғидан ҳалок,
Қонимга қип-қизил бўялсин бу хок!»
«Ёр тиғидан ўлди!» — деса дўст-душман,
Мен улуғ шарафга етган бўламаи.
Обрўйимни ноҳақ тўкса ҳам беҳис,
Унинг кўчасидан кетмасман олис.
Менга «Тавба қилгил» дегандан кўра,
Эй худбин, сен ўзинг кечирим сўра!
Кечиргум — менга ул нима қилса ҳам,
Қонимга қасд қилса, эзгуликка жам.
Ҳар кеча ёдидан кул бўлиб, ҳайҳот,
Тонгда хуш бўйидан топурман ҳаёт.
Бу кун ёр кўйида жон берсам охир.
Маҳшарда ёнида қураман чодир».

* * *

Дилингда ишқ бўлса, мусиқа эмас,
Туя қадами ҳам уйғотар ҳавас.

* * *

Араб ноласига чўлда, қария,
Рақс тушиб кетар ҳаттоки туя.
Туяга куй шунча кор этса, демак,
Завқи йўқ киши бир эшакдур, эшак.

* * *

Кимки ўз ёвини дўст тутса агар,
Уни оқил дема, у нодон овсар.

* * *

Подшоҳ қизини сўраган гадо,
Кўп таёқ ейди-ю, кўрар кўп савдо.

* * *

Ким ошиққа деса, ишқидан сақлан,
Ошиқнинг далига санчилур тикан.

* * *

Бирор кимни чаён чақса ногаҳон,
Қай оқил унга дер: «Тортмагил фиғон!»

* * *

Кимки насиҳатинг тинглашдан йироқ,
Фойдасиздир унга насиҳат қилмоқ.
Миқиб кетмиш кимнинг қўлидан жилов,
Кор қилмас секинроқ юр, деган ундов.

* * *

Не хуш сўзни айтмиш Синдбод — сўзамол:
«Эҳтирос оловдир, насиҳат — шамол!»
Шамолдан авж олиб, гуриллар олов,
Калтак еган йўлбарс ёвроқ бўлур, ёв.

Ҳ и к о я т

Ёдимда — уйқусиз ётардим туни.
Қулоғимга инди парвона уни.
Шамга дер: «Мен — ошиқ, куймак раводир,
Сен ёниб йиғлайсан, бу не балодир?»
«Эй менинг ҳаридор дўсти мискиним,
Асалдан ажрадим, ёри шириним.
Мендан узоқлашгач Ширин висоли,
Фарҳоддек бошимда оташ хаёли».
Шундай деб йиғларди жигар-бағри об,
Каҳрабо юзидан оқарди селоб.
Деяр: Эй даъвогар, ишқ эрмас коринг,
На сабру тоқат бор ва на қароринг.
Кетарсен шуъламдан бир оз айланиб,
Турарман қимир этмай мен ўтда ёниб.
Ишқ ўтида сенинг қанотинг куяр,
Менинг бош-оёғим, ҳаётим куяр.
Базмни ёритган нуримга боқма,
Дил сўхтам, кўз ёшим кўргил, тутоқма».
Камтаринлик одат ақлли эрга,
Мевали шох боши эгилур ерга.
Улуғлик чечан сўз, даъвода эмас,
Баландлик хаёли ҳавода эмас.
Тавозеъ кўтарар бошингни баланд,
Такаббур тупроққа тиқар бериб панд.
Косаси оқармас — кимки димоғдор,
Баландлик нетару охир бўлур хор.
Иззат-мартабалар истасанг агар,
Кишига ташлама кибрли назар.
Хушёр киши хаёл қилмайди, ахир,
Ғурур билан киши топар, деб қадр.

* * *

Билгил, тўрга лойиқ эмас ҳар ким ҳам,
Қадрини фазлидан топар ҳар одам.

* * *

Оддий қамиш қанча ўсса — бўш ичи,
Ҳеч қачон бўлолмас шакар қамиши.

Ҳикоят

Сотарди асал бир ширин сўз киши,
Кўнгилни оларди унинг ройиши.
Шакар қамишидек бели белбоқдор,
Молинн пашшадек талар ҳаридор.
Унинг моли заҳар бўлса ҳам тугал,
Талаб кетишарди мисоли асал.
Бир дағал кўз ташлаб эл ғавғосига,
Ҳасад билан боқиб бол савдосига,
Эртасига барвақт бозорга келди,
Асал сотмоқ бўлиб, чар ёққа елди.
Каттакон қовоқда бошида асал,
Бадбуруш башара, сўзлари дағал.
«Асал кетди», дея қилди машмаша,
Болига қўнмади хаттоки пашша.
Кечгача бир пуллик қилолмай савдо,
Уйга қайтар яна бузилиб авзо.
Бурчакда ўлтирар сержаҳл дилтанг.
Ҳайит кун зиндоний бўлгандек тажанг.
Хотини устидан шўх сўзлаб кулар:
«Баджаҳл қўлида асал ҳам захар!»
Ёмон хулқ дўзахга судрайди осон,
Яхши хулқ бихишту жаннатдан нишон.
Ариқда илиқ сув бўлса, шуни ич,
Дағал киши яхна шарбатидан кеч.
Серзарда кишининг манглайи тириш,
Ҳаромдир ундайлар нонини ейиш.
Бадхулқ қийинликка учрар аксари,
Бадхулқнинг доимо бахти тескари.
Дунё ташвишидан кеч Саъдийсифат,
Йиғилгай сенда ҳам илму маърифат.

* * *

Дағал сўз эшитиб келсанг ҳокимдан,
Тобеларни эзма қўполлик билан.

* * *

Ўртанма душманинг ёмонласа гар,
Шамолга бер сўзи ёлғон эса гар.

* * *

Менга яхшиликни истаган инсон,
Очиқ айтар топса хулқимда нуқсон.

* * *

Табиб ўзи бўлса дардга мубтало,
Нечук қилгай ўзга дардига даво.

Ҳ и к о я т

Онасига йиғлар йўлда бўталоқ:
«Шунча юрдик, керак бир оз дам олмоқ».
Онаси дер: «Жилов бўлсайди қўлда,
Юк билан кўрмасдинг мени бу чўлда».
Мардлигинг пеш қилмоқ одат билмагил,
Мардлигинг кўрсатиб, номард бўлмагил.

* * *

Қаноат қудратли қилур инсонни,
Огоҳлантириб қўй очкўз нодонни.
Дилга хотиржамлик сол, эй бесабот,
Гардон тош тагида ўсмас наботот.
Ақл ёр бўлса, кўп семиртма танинг,
Танни семиртирсанг, билки, ўлганинг.
Ақлли кишилар боққани ҳунар,
Танасин боққанлар ҳунарсиз қолар.
Одамлик хислатин ким қўйса устун,
Аввал ўз нафс итнн айлагай забун.
Еб-ичиб, ухламоқ ҳайвоннинг иши.
Шу тариқ яшайди ақлсиз киши.
Хилватда ўлтириб бахтиёр одам,
Илмдан ҳиссасин олур дамодам.
Ким ажрата олмас зулматни нурдан.
Демак, фарқ этмайди у девни ҳурдан.
Гар кўра олмасанг йўл устинда чох.
Йиқилсанг, қусури ўзингда, э воҳ.
Ким нафас бандаси — эс-ҳушдан йироқ,
Ҳикматдан бўш қолур ул тўла қурсоқ.
Қорин ва икки кўз — ҳеч тўймас ковак.
Бўш юргани яхши ўрама ичак.
Биласанми, эркин ул ваҳший ҳайвон,
Нафси деб тузоққа тушар ногаҳон.
Йиртқичликдан мағрур қудратли йўлбарс,
Қопқопга сичқондек илинтирар нафс.
Сичқондек гар биров ош-нонин ерсан,
Қопқонига тушиб, пайконин ерсан.

* * *

Қаноатни одат қнлса нафс — бало,
Унинг наздида тенг бўлгур шоҳ-гадо.
Тамаъ суриб борар шоҳ томон, зеро,
Тамаъдап қутулсанг, ўзинг подшо...
Кишини бузуқ нафс этар хору зор,
Ақлинг бўлса, нафеинг қадр этма зинҳор.

Ҳ и к о я т

Бир тамаъгир барвақт туриб кетарди,
Хоразмшоҳга у сажда этарди.
Шоҳни кўриб, ерга ташлар ўзини,
Қаддин букиб, ерга суртар юзини...
Бир кун ўғилчаси дебди: «Отажон,
Мушкул саволнм бор — айлагил баён:
Айтмабмидинг қибла томони Ҳижоз,
Нечун бул томонга ўқурсан намоз?»
Қаноат бирладир сарафроз одам,
Тамаъли кишининг бўйни доим хам.
Тамаъ деб тўкмагил обрўйинг барин.
Бир арпага сотма шараф гавҳарин.
Ким тамаъдин кечар, бўлмас шарманда,
На биронга тобеъ, на нафсга банда.
Тамаъ барча дўстдан этар мосуво,
Сени этмай расво, ундан бўл жудо.

* * *

Нафсинг муродининг йўлидан кетсанг.
Ажабмас, ҳаётдан номурод ўтсанг.

* * *

Йўқликда очликка чидамоқ учун,
Меъёрида егин тўкинчилик кун.

* * *

Улуғлар — булутли ҳавода қуёш,
Сувга ботган чўғдир ҳасадчи бебош.
Улуғ яна балқиб чиқар булутдан,
Сувга чўккан олов ёнмас куч билан.
Зулматдан чўчимас ақлли инсон,
Зулмат ичида ҳам бор оби ҳайвон.

* * *

Хабаринг борми, бу суягинг — қафас,
Жонинг — бир қуш, унинг номидир нафас.
Бу қуш гар қафасдан чиқса бир бора,
Қайта тутишга ҳеч топилмас чора.
Хаёт бир нафасдир, ҳар дам ғанимат,
Ҳар бир дамга беринг оламча қиммат.
Оламга ҳукмдор эрди Искандар,
Оламни қолдириб кетди ул қайсар.
Умрин чўзолмади бир нафас, бир дам,
Бир дам учун бутун олам бериб ҳам.
Ҳар ким кетар экан, экканин олар,
Ундан яхши ёки ёмон ном қолар.
Биздан сўнг ҳам кўп гул очар бу бўстон,
Дўстлар ўлтиришар гул териб шодон.
 
- Сидқий Хондайлиқий таржималари -

Карамнинг мадҳини баёнида

Дило, ҳар киши ёзса хони карам,
Бўлур номдори жаҳони карам.
Карам номдори жаҳон айлагай,
Карам комгори замон айлагай.
Карам мояи шодмони бўлур,
Карам ҳосили зиндагони бўлур.
Карам ортида дунёда кор йўқ
Ва мундин иссиқ ҳеч бозор йўқ.
Карамдин бори ал дилин тоза тут,
Жаҳонни саходин пуровоза тут.
Бағишлашда бўл доимо мустақим,
Ки жонни яратқувчи бордур карим.

Саховатнинг сифати баёнида

Саховат қилур некбахт ихтиёр,
Ки кимса саходин бўлур бахтиёр.
Қилиб лутфу эҳсон, жаҳонгир бўл!
Саховатнинг иқлимида мир бўл!
Саховатдур аҳли басират иши,
Саховат бўлур яхшининг варзиши.
Саховат эмиш айбга кимё,
Саховат бори дардларға даво.
Чу қодир эсанг, айлағайсан сахо,
Ки етгай улуғлуқ саходин санго.

Бахилнинг мазаммати баёнида

Бахил қасдиға гар жаҳон айланур
Ва ар иқбол анинг ғуломи ўлур.
Ва гар илкида ганжи Қорун эса,
Ва гар тобеъи рубъи маскун эса.
Бахил арзимас улки, тутқунг отин.
Ва гар рўзгор этса ҳам ҳидматин.
Бахил молиға қилма бир илтифот,
Бахил молининг отин айтмоқ уст.
Бахил ар эса зоҳиди баҳравар,
Биҳишт аҳли йўқ деди хайр ул-башар.
Бахил арчи моли билан бўлса бой,
Чекар хорлиқ, ўйла пулсиз гадой.
Карам аҳли молин егай ҳосилин,
Бахиллар егай олтунининг ғамин.

Такаббурнинг мазаммати баёнида

Такаббурдин албатта қил ўзни пок,
Ки, бир қўлидин ўлурсан ҳалок.
Такаббур улуғдин ўлур нописанд,
Қилур кам муни ким эса ҳушманд.
Такаббур бўлур одати жоҳилон,
Улуғлардин ўлмас такаббур аён.
Такаббур Азозилни хор айлади,
Ки лаънат чоҳиға дучор айлади.
Кишини такаббур эса хислати,
Тўла бўлғуси бошида фикрати.
Такаббур ямонларни(нг) бўлғай иши,
Такаббур бўлур зоти нокас киши.
Чу билдинг, такаббур нега айлағунг?
Хато айлағунг ва хато айлағунг!

Илмнинг фазилати баёнида

Топар илмдин одам ўғли камол,
На давлат билан топилур бу хисол.
Тилаб илм, ёнмоқ керак шамъвор,
Ки беилм топулмағай Кирдикор.
Бўлур оқил одам талабгори илм,
Ки доим қизиқ келди бозори илм.
Кишиға азалда эса бахт ёр,
Қилур ул кимса ўқуш ихтиёр.
Талаб айламоқ санга илм ўлди фарз,
Яна вожиб истаб этиш қатъ арз.
Югур илм этокиға, маҳкам қўл ур,
Ки илминг муродингға қотиштирур.
Уқуш айламоқ доим оқил иши,
Ки беилм бўлмоқ бу — жоҳил иши.
Санга илм дунёу динда тамом,
Ки коринг топар илм ўқусанг низом.

Жоҳиллар суҳбатидан қочмоқ баёнида

Дило, гар эсанг оқилу ҳушёр,
Жаҳолат элиға даме бўлма ёр.
Қочишликда нодондин ўл тирдек,
Қовушмасда бўл шакару ширдек.
Санго аждаҳо бўлса гар ёри гор,
Ямон ёрдин яхшидур сад ҳазор.
Агар душмани жонинг оқил эрур,
Гўзал дўстдинким, жоҳил эрур.
Жаҳонда чу жоҳил киши хор йўқ,
Ки жоҳил каби бир ямон кор йўқ.
Ямондин ямон ишдин ўзга келмас,
Гўзал сўзни андин киши англамас.
Саранжоми жоҳил жаҳаннам бўлур,
Ким жоҳил, гўзал оқибат кам бўлур.
Сари дора жоҳил осилғони хўб,
Ки жоҳил элин хор бўлғони хўб.
Ямондин ҳазар қилғил, эй тоза дил.
Икки дунёда бўлғунг андин хижпл.

Адолатнинг сифати баёнида

Чу Эзид сани айлади подшоҳ,
Нечук бўлмағайсен адолатпаноҳ?
Адолат эрур зевари хисрави,
Нечук адл учун тутмағунг дил қавий?
Санга мамлакат бўлғуси барқарор,
Адолат иши бўлса гар дастёр.
Чу Нўширавон қилди адл ихтиёр
Гўзал номи алҳол эрур барқарор.
Адолат нишонидур ороми мулк,
Ки ҳосил бўлур адлдин коми мулк.
Жаҳонға адолатча меъмор йўқ,
Бийикроқ адолат каби кор йўқ.
Санго яхши мундин не ҳосил бўлур,
Ки номинг шаханшоҳи одил бўлур.
Саодатдин истар эсанг гар нишон.
Жафо эшигин боғла элға, аён.
Раият дилин сақлагил барқарор,
Ситамдидаларнинг муродин чиқор.

Зулмнинг мазаммати баёнида

Хароб ўлғуси зулм бирла жаҳон.
Чу бўстонки, кўрғай хазондин зиён.
 Жафо сори майл этма ҳеч дар ҳол,
Ки мулкингни хуршиди топмас завол.
Киши ёқса зулм оташин бегумон,
Чиқарғувси олам элидин фиғон.
Ситамдида гар чекса бир ўтлуғ оҳ,
Суву лой ҳам бўлғай андин табоҳ.
Қила кўрмагил нотавонларға зўр,
Ўзинг ўйла, охир эрур тор гўр.
Ситамдидаға кўрма зулминг раво,
Сани ўртар эл ўтлуғ оҳи било.
Эл озорини қилма, эй тийраройҳ
Ки ногаҳ етар санга қаҳри Худой.
Ситам бирла бечоранп қилма танг,
Ки золим тамусқа кетар бедаранг.

Қаноатнинг слфати баёнида

Дило, гар қаноатқа ҳамроҳсен,
Фароғат жаҳони аро шоҳсен.
Қатиғликдин, эй камбағал, қилма дод,
Ки мол оқил олидадур, ўйла бод.
Фақирликдин оқил нечук қилғай ор,
Паямбарғадур фақрдин ифтихор.
Ғанийнинг эса оқча оройиши.
Вале яхши фақр аҳли осойиши.
Чу йўқсан ғаний, қилмағил изтироб,
Шаҳ олмас хирож, ўлса бир ер ҳароб.
Қаноат ҳама вақт аро хўб эрур,
Қаноат қилур кимки, маҳбуб эрур.
Қаиоатни нуридин эт дилни соф,
Агар некбахт эрсанг, эй бехилоф.

Ҳирснинг мазаммати баёнида

Бўлан ҳирс домиға, эй мубтало,
Бу ҳирсинг эрур бошқа битган бало.
Адо қилма умрингни йиғмоқда мол,
Ки ҳамнарх гуҳарға бўлмас сафол.
Киши тушсаким ҳирс банди аро,
Олур борча умрини боди фано.
Қилай фарз амволи Қорун санго,
Бори неъмати рубъи маскун санго.
Сан охир бўлурсан гирифтори гур,
Бўлуб ўйла бечора, эй бешуур.
Нечук куйгасен зар хаёлотидан,
Чекарсен эшак киби бори миҳан.
Чекарсен нечук ранжлар мол учун,
Ки ногаҳ бўлур бир куни сарнигун.
Чунон жой олибдур дилингда дирам,
Ки завқидан ўлдунг надими надам.
Бўлубсен чунон ошиқи рўйи зар,
Ки кезғунг жунун аҳлидек дарбадар.
Тилло сайдиға санда қасд ўйла бор,
Ки ҳеч этмағунг ёди рўзи шумор.
Илоҳи, у нокас дилин тутма шод.
Ки дунё учун қилса динин фасод.

Шайтоннинг мазаммати баёнида

Дило, кимки маҳкуми шайтон эрур,
Туну кун гуноҳ ичра сарсон эрур.
Кишигаки, шайтон эса пешво,
Қачон ёнғусидур Худо йўлиго?
Дило, қилма қасди гунаҳ зинҳор,
Ки Ҳақ қошида бўлмағунг шармсор.
Гунахдин қилур хушманд эҳтироз,
Ки бўлғувси сувдин шакарга гудоз.
Гунаҳдин қилур некбахт ижтиноб,
Ки пинҳон қилур кунни нурин саҳоб.
Ямон нафсингга бўлма албатта ёр,
Ки ногоҳ бўлурсан гирифтори нор.
Гунохдин агар ёнмас эрса дилинг,
Бўлур асфаласофилин манзилинг.
Тириклик уйин қилмағайсен ҳароб.
Ямон феъл селобидан, эй шабоб!
Сан ўлсанг агар фисқдин бир сори,
Бў(л)массан бихишт гулшанидин нари.

Вафонинг сифати баёнида

Дило, бўл вафо узра собитқадам,
Ки бесикка ҳеч ерда юрмас дирам.
Вафо йўлидин бурмасанг гар инон,
Адув кўнглида дўст бўлғунг чунон.
Ўгирма вафо кўйидин рўйи дил,
Ки ёр олида бўлмағайсен хижил.
Вафо йўлидин ташқари қўйма по,
Ки аҳбобдин арзимайдур жафо.
Бори дўстлардин жудолиқ хато,
Узулмоқ ёрондин хилофи вафо.
Бўлур бевафолиқ хотунлар иши,
Сан ўрганма хотун ишин, эй киши.

Шукрнинг фазилати баёнида

Кишинингким, кўнгли эса ҳақшунос,
Керак йўқки, боғлар забони сипос.
Дам урма Худо шукридин ўзгаго,
Ки вожиб эрур шукри Эзид санго.
Тўла бўлғуси шукрдин неъматинг,
Эшикдин кирар фатҳ ила нусратинг.
Худо шукрини гар қиёматғачо
Мингидин бирин қайда қилғунг адо.
Вале шукрин айтмоқ авлодурур,
Ки Ҳақ шукри миллатға зевар эрур.
Чу банд этмасанг шукри Ҳақдин забон,
Келур илкингга давлати жовидон.

Сабрнинг фаслини баёнида

Санга гар сабури эса дастёр,
Келур илкингга давлати пойдор.
Сабури эрур жумла мурсал иши,
Ўгурмас юзин мундин эслик киши.
Очар сабр мақсуди жон эшигин,
Ки очилмас ул сабрдин ўзгадин.
Сабури чиқорғай муроди дилинг,
Ки илм аҳлидин ечилур мушкулинг.
Сабури калиди дари орзу,
Дағи фотиҳи кишвари орзу.
Сабури ба ҳар ҳол авло эрур,
Анинг таҳтида неча маъно эрур.
Сабури санинг мақсадингни берур,
Бало ва аламдин сани қутқарур.
Сабури қилурсан санга бўлса дин,
Ки шошмоқ эрур кори шайтон лаин.

Ростлиқнинг сифати баёнида

Дило, ростлиқ айласанг ихтиёр,
Бўлур давлатинг ҳамдаму бахт — ёр.
Бошин чулғамас ростдин ҳушманд,
Ки ном ўлғуси ростлиқдин баланд.
Даминг ростдин урсанг ар-субҳвор,
Жаҳолат тунидин тутарсан канор.
Дам урма бажуз рости зинҳор,
Ки сўлдин ошуқдур ўнг, эй номдор!
Гўзал ростдин дунёда кор йўқ,
Ки садбаргида ростнинг хор йўқ.

Ялғоннинг мазаммати баёнида

Кишигаки норасолиқ бўлса кор,
Қачон рўзи маҳшар бўлур ростгор.
Кишиғаки бўлса забони дуруғ,
Чароғи дили они бўлмас ёруғ.
Дуруғ одамийни қилур шармсор,
Дуруғ одамийни қилур бевиқор.
Хирадманд каззобдин тутқай ор,
Ки одам деб они қилинмас шумор.
Дуруғ, эй йигит, сўзлама зинҳор,
Ки козиб бўлур хору беэътибор.
Жаҳон ичра ялғонча йўқ иш батар,
Йўқ андин бўлур номи нек, эй писар.

Qayd etilgan