Chingiz Aytmatov. Somon yo'li (qissa)  ( 12467 marta o'qilgan) Chop etish

1 B


AbdulAziz  31 Dekabr 2008, 08:51:07

Chingiz Aytmatov. Somon yo'li (qissa)



Muallif: Chingiz Aytmatov
Hajmi: 898 Kb
Fayl tipi: pdf, zip
Saqlab olish
Online o'qish

Qayd etilgan


Ansora  16 Sentyabr 2011, 13:06:43

Чингиз Айтматов

СОМОН ЙЎЛИ


Қисса

Асил Рашидов таржимаси


Ота, мен сенга ёдгорлик ўрнатолмадим. Сенинг қаерга дафн этилганлигингни ҳам билолмайман. Ушбу асаримни, отам Тўрақул Айтматов, сенга бағишлайман.
Она, сен бизни улғайтириб одам қилдинг. Сенинг узоқ умр кўришингни тилаб, онам Наима Айтматова, сенга бағишлайман.


I

– Омонмисан, қутлуғ далам!
– Шукр. Келдингми, Тўлғаной? Бултургидан анча чўкиб қолибсан. Сочларинг оппоқ, қўлингда ҳасса.
– Умр ўтиб боряпти, она-Ерим, орадан тағин бир йил ўтди. Бугун менинг сиғинадиган куним.
– Келишингни билардим. Кутаётгандим, Тўлғаной. Бу сафар набирангни ҳам эргаштириб келмоқчи эмасмидинг?
– Шундай эди-ю, лекин бу сафар ҳам ёлғиз келдим.
– Демак, сен унга ҳали ҳам ҳеч нима айтмабсан-да, Тўлғаной?
– Йўқ, айтолмадим.
– Ишқилиб, эртами-кечми, ахир бир кун у ҳам эшитади-да, Тўлғаной. Эл оғзига элак тутиб бўлади, дейсанми?
– Тўғри айтасан. Эртами-кечми, ахир бир куни билади. Ўзи ҳам улғайиб, яхши-ёмонни тушунадиган бўлиб қолди. Бироқ мен учун ҳали ҳам темир қанот палапонга ўхшаб кўринади. Болалик қилиб ўтган-кетганни тўғри тушунолмай, кўнгли совиб қолмаса деб ташвишланаман. Бари бир одам ҳақиқатни бир кун эмас, бир куни билиши керакда. Мен билган ҳақиқатни, сирдошим хосиятли ер, сен билган ва эл билган ҳақиқатни ҳозирча ёлғиз угина билмайди, холос. Билганда нима дер экан, қандай ўй-хаёлларга бораркин, гапнинг тагига етолармикин? Қандай қилиб ўша дилини оғритмай, ёшлигиданоқ ҳаётдан кўнглини қолдирмай, сиримни айта олсам экан? Қани энди икки оғиз сўз билан битадиган иш бўлса. Кейинги кунларда фақат шуни ўйлайман, туну кун хаёл сураман. Қишда тобим қочиб, тўшакда ётганимда ҳам ўлимдан қўрқмаган эдим, ажал етса тап тортмай ўлимни қарши олардим. Бироқ, куним битиб, кўзим юмилиб кетса, айтадиган васиятимни айтолмай, ўзим билан гўрга олиб кетаманми, деб юрагимга ваҳима тушди. У эса йўқ, буни қайдан билсин, у тентак, мактабни ҳам йиғиштириб қўйиб, ёнимдан силжимай қолди. Онасининг худди ўзгинаси: «Энажон, қаеринг оғрияпти? Сув ичасанми, ё доридан берайми? Устингни ёпиб қўяйми, энажон?» – деб гирдикапалак бўларди. Ўшанда тилим бормади, кучим етмади. Бойқушим, ичида ҳеч кири йўқ, содда дил нарисида гўдак эди. Ҳеч нимадан гумон қилмасди. Унга нима ҳам дея олардим. Шуларни ўйларканман, калавамнинг учини тополмай қийналардим. Ундай қилиб ҳам, бундай қилиб ҳам фикрларимни тарозига солиб кўрардим: бу нарса жўнгина сўзлаб берадиган жумбоқ эмас экан-да. Қанчалик ўйламай, бари бир бир фикрга келиб тўхтайман: бўлган ҳақиқатни бола тўғри тушунсин деб мен унга ёлғиз ўз тақдиринигина эмас, балки бутун замонамнинг тарихини, ўтган-кетганлар хусусида, ўзим ҳақимда, барига гувоҳ бўлган, саховатли далам, сенинг ҳақингда, қолаверса, ўша кезда ҳеч нимадан бехабар миниб ўйнаб юрган велосипеди ҳақида айтиб беришим керак. Балки шундагина тўғри қилган бўларман. Турмуш ҳаммамизни бир тугунга боғлаб, ҳамирдек қориштириб қўйган экан, ҳеч нимани яшириб ҳам, қўшиб ҳам бўлмайди. Ҳатто бола эмас, кекса киши ҳам бу ишни ҳар хил тушуниши мумкин. Кўзимнинг очиғида шу катта қарзимдан қутулсам, ўлсам армонсиз кетардим...
– Бу айтганларинг тўғри, Тўлғаной. Қани берироқ кел, мана бу тошга ўтир. Оёқ оғриқсан-ку. Ўтир, бир йўлини қилармиз. Олдинги сафар бу ерга келганинг эсингдами, Тўлғаной?
– Ундан бери қанча вақтлар ўтиб кетди-ку, эслолмайман.
– Йўқ, сен ўша вақтларни эслашга бир ҳаракат қилиб кўрчи, Тўлғаной. Қани бир бошидан эслачи.
– Эсимда яхши қолмабди. Кичкиналигимда, ўрим маҳалида, ота-онам етаклаб келиб, ғарамлар тагига ўтирғизиб қўйишарди.
– Ҳа, йиғламасин деб қўлингга бир бурда нон ҳам бериб қўйишарди.
– Кейин, каттайиб қолганимда, эл яйловга кўчганда, ўша атрофда экинларни кўриб югуриб юрардим. Унда мен ғизиллаб чопиб юрадиган, сочлари тўзғиган сариқ қиз эмасмидим. Ў, болалик-эй, унинг ҳам ўзгача гашти бор экан! Чорвадорлар ҳу пастки томондан сариқ ёйиқ текислигида чангу тўзон кўтариб кўчиб жўнашар эди. Бирининг кетидан бири турна қатор тизилишиб яйловга, салқин адирларга ошиқиб йўл олишарди, ўшандаги ёшлик чоғларим-эй! Уюр-уюри билан дупурлашиб, кишнашган йилқилар босиб кетгудек бўлиб келишаверса, буғдойнинг ичидан сакраб чиқиб, уларни ҳуркитиб юборардим.
«Эй, ердан чиққан алвасти, ҳап сеними!» – деб йилқичилар узун таёғини кўтариб мени қувлаб юборишарди.
Неча минглаб қўй туёқлари дўл ёққандагидек дупурлашиб ўша йўлдан ўтиб туришарди. Уларнинг орқасидан бой овулларнинг кўч-кўронлари ўтиб борар, йўрға миниб, қип-қизил чўғдек кийинган қиз-жувонларни кўрганимда, ҳайрон бўлиб, суқланиб қараб қолардим. Анча жойгача уларнинг орқасидан эргашиб югуриб-елиб борардим. Қани энди, мен ҳам шунақа рўмол ўраб, шунақа кўйлак кийсам, деб орзу қилардим.
– Рост, Тўлғаной, сен унда яланг оёқ, яланг бош бир қашшоқнинг қизи эдинг. Бироқ, ўшандай шойиларни киймасанг ҳам, бўйинг етганда оқ сариқдан келган, етилиб тўлишган қандай сулув қиз бўлдинг. Сен унда кўланкангга қараб қадам босардинг. Айниқса эрта биланги кўланканг худди ўзингдек хушбичим бўларди.
– Ўшанда мен ўн етти ёшларда эдим. Ўша йили ўроқ ўриб юриб Сувонқул билан учрашмаганмидим. Сувонқул бу ерга Толоснинг юқори ёғидан ёлланиб келган эди. Ҳозир кўзимни юмсам хаёлимда Сувонқулнинг ўша вақтдаги қиёфаси гавдаланади. Ёшгина, ўн тўққиз-йигирмалардаги йигит, ўзи хипчароқ кўринса ҳам, қўллари пайдор, темирдек салмоқли эди. Чакмонини доимо елкасига ташлаб юрарди. Ёнингда шеригинг ўроқ ўриб юрса, кишининг қалбини қувонтиради: ҳар ишнинг қиёмини келтириб ишлайдиган азаматлар бўлади-ку, Сувонқул шундайлардан эди. У тезда ўзиб кетар, мен ҳам ўроққа чаққон эдим, шундаям ортда қолиб кетардим. Сувонқул қайтиб келиб, менинг тегишимдан ўра бошлаганда изза тортардим: «Сизни биров ёрдамга чақирдими? Талтайманг, кетинг бу ердан, ўзим ҳам битираман!» - десам кулиб қўйиб, индамай ишлайверарди, ўшанда нимадан орланган эканман? Энди билсам, эркаланган эканман...
     – Сизлар ўшанда ишга доим элнинг олди бўлиб келардиларинг, Тўлғаной.
– Тўғри. Эл уйғонмай, ғира-шира тонг ёришганда Сувонқул билан иккимиз бирин-кетин ишга кетардик. У мени бериги томондан қарши оларди. Ўша кунлар, ўша ажойиб тонг отишлар бизнинг севги кунларимиз экан. Бир-бирига келаётганда дунё бошқача кўриниб, бошқача сезиларди. Эл-юртга нон берган жонажон деҳқон далам, бўзариб-сарғайиб ётсанг ҳам, оппоқ тонгларни денгиздек тошиб, қучоғини сенчалик очиб, сенчалик ўртаниб ким кутиб оларди! Ўша тонгларни сенга ҳамроҳ бўлиб биз кутиб олардик, ўша тонгларни сенга ҳамроҳ бўлиб тўрғай кутиб оларди. Қўримсизгина бўз тўрғай осмонда бетиним қанот қоқиб пирпираб, гўё одамнинг осмонда учиб юрган юраги каби бир нуқтадек бўлиб кўринса ҳам, қанчалар нозик, қанчалар киши дилини тўлқинлантирувчи қўшиқлар тўқиб, зорланиб сайрар эди. «Ана, бизнинг тўрғай сайради!» - деб қўяр эди Сувонқул. Қизиқ, тўрғайни ҳам ўзимизники қилиб олган эканмиз. Хуш овозингдан айланай, тўрғайим...
– Рост, Тўлғаной, ўша тўрғай сизларнинг тўрғайингиз эди.
– Эсингдами, Ер, ўша ойдин кеча? Балки, табиатда, иккинчи бор ундай тун бўлмас. Ой ёруғида ўроқ ўрамиз деб Сувонқул иккаламиз қолиб кетмаганмидик. Ҳу уфқ ортидан кумуш ранг ой кўтарилганда, юлдузлар ҳам осмон узра бирин-кетин кўз очишди. Ўшанда биз уват четида Сувонқулнинг тор чакмонини остимизга солиб ариқ қирига бош қўйиб чўзилиб ётганимиз. Шу кеча биз умр бўйи йўлдош ажралмас ёр бўлиб қовушдик. Сувонқул чўяндек қўли билан кокилимни силаб, манглайимдан юзимдан эркалатиб сийпаганда, унинг қони жўшиб ураётган қалбимнинг ҳарорати кафтидан сезилиб турарди. Мен унга эркалаб: «Сувон, нима дейсиз биз бахтли бўламизми, а? - десам, эсингдами ўшанда айтган гаплари: «Ер-сув элга тенг бўлса, биз билан ҳам экин экадиган еримиз бўлса, биз ҳам эл қатори ер ҳайдаб, экин экиб, хирмон кўтарсак, бизнинг бахтимиз ўша. Бизга бундан ортиғининг нима кераги бор, Тўлған. Деҳқоннинг улуши эккан экинида» - демаганмиди. Унинг айтган сўзларига нима учундир беҳад қувониб кетиб, бўйнидан маҳкам қучганимча, лабларидан жон-таним билан ўпдим... Сўнгра ариқдаги сувга чўмилиб чиқдик-да, яна ўз ўрнимизга келиб, қўл ушлашиб, жимгина осмонга қараб, роҳатланиб ётдик.
Ер, сен ҳам ўшанда сокин ойдин тунда салқин тортиб, бизга қўшилиб яйраб ётдинг. Гармсел эсганда ширин асал ҳиди широлжин билан эрманнинг хушбўй ҳидига аралашиб буғдойзорга тараларди, буғдойзор шувуллаб, бошоқларга тушган ой нури олтин кўлдек чайқалиб ётарди. ЁКИ ўша тунни табиат бизга атайлаб шундай ҳолда бахш этдимикин? Ярим кечаси юлдузлар тўдасига қарасам, сомон йўли оламнинг у бошидан бу бошигача ёйилиб ётган пайти экан. Сувонқулнинг айтганлари эсимга тушиб, хаёлимда осмоннинг ўша кумуш йўли билан қандайдир азамат бир деҳқон катта қучоқ сомон кўтариб ўтгану, гўё унинг улкан қулоғидан сочилиб тушган дон, тўпон барака тўкиб из қолдириб кетгандек эди. Орзумизга етсак, менинг ҳам Сувонқулим шундай сомон кўтарган деҳқон бўлса, хирмоннинг бетидан биринчи совуриб олган сомонидан қучоқ тўлдириб йўлга тушганида, худди ўшандай барака тўкилган йўл солиб ўтса, деб ўйланиб ётдим. Она-Ерим, биринчи марта сенга ўшанда гапирдим. Эсингдами менинг айтганларим?
– Эсимда, Тўлғаной! Сен ўшанда менга юзланнб, бундай дегансан: «Ер, жон ато этган Ер, бизни кўтариб юрган Ер, сен бизга бахт бермасанг, нега Ер бўлиб аталгансан, биз нечун дунёга келганмиз! Биз сенинг болаларингмиз, Ер, тилакдош бўлгин, орзу-ниятимизга етайлик!» - деб айтгансан, Тўлғаной.
– Ҳа, шундай деганман. Кун чиқар пайтда кўзимни очсам, Сувонқулим ёнимда йўқ. У аллақачонлар туриб, ўроқ ўриб ётган экан. Қачон турганини билмайман, роса қийратиб ташлабди; буғдой пояда боғ-боғ буғдой уюлиб ётибди.
«Ҳой, Сувонқул, бу нима қилганингиз?» - дедим. У кафти билан терини артиб: «Сени ухласин дегандим» - деб кулиб қўйди. Мен унинг бу ишидан бир оз ўпкалаб: «Кечаги гапларингиз қани, шу ҳам тенг шериклик бўлибдими?» - десам, у ўроғини ташлаб, югуриб менинг олдимга келдида, қучоқлаб қўлида кўтарганча: «Кўзингдан айланайин, Тўлған, кўзингдан ўргилиб кетай, тенг шерикмиз, бундан буён яхши, ёмоннинг барига шерик бўламиз!» - деди. Шу зайлда мени қўлидан қўймай, эркалатганича алланарсалар ҳақида гапирди, мен бўлсам хурсандлигимдан кулардим. Бир вақт қарасам, мени кўтарганича тепаликка ютуриб чиқди-да, кўтарилиб келётган қуёшга қараб: «Эй қуёш, кўрдингми? Кўрдингми менинг жононимни! Мана, мана, кўриб ол, кўрманани бер, бергин суюнчингни аямай!» - деб қичқирди. Ҳазилими, чиними – билмайман, мен ўшанда йиғлаб юбордим, қалбим қувончга тўлганидан ўзимни тутолмай анчагача энтикиб-энтикиб йиғлардим...
– Қўй Тўлғаной, энди йиғлашинг яхши эмас. У йиғи бошқача йиғи эди, одамнинг умрида ундай йиғи бир мартагина бўлади. Энди нимага йиғлайсан. Йиғлама, ёки тилакларингга эриша олмадиларингми? Айт-чи тўғрисини, сизларчалик ким бахтли бўла олди?
– Гапинг тўғри. Янги замонда Сувонқул иккимиз ҳам ўз меҳнатимиз билан вояга етдик. Биласан-ку, қишу ёз демай қўлимиздан кетмон тушмади. Меҳнатимиз зое кетмади – уйли-жойли бўлдик, мол-ҳол орттирдик. Тилагимизга етиб, уч фарзандли бўлдик. Ҳа, бирин-кетин уч ўғил кўрдик. Ҳозир баъзан ўйлаб ўтириб хаёлимга шундай мудҳиш фикрлар келади: нима учун йил сайин қўйга ўхшаб туғавердим экан? Одамларникидек ораларидан уч-тўрт йил ўтганда, балки, бундай фалокатдан четда қолишармиди. Балки, бутунлай дунёга келишмаганда нима қиларди! У, шўринг қурғурлар... Айланиб-қоқиниб кетайларим, сўзимни оғир олманглар, кечиринглар, кечиринглар оналарингни! Юрагим тутақиб, ўлгим келганидан айтётган гапим-да! Қандай қилай энди...
– Тўлғаной, эсингни йиғ... Сўзингни қайтариб ол. У болаларга шак келтирма. Уларни мен тирноқдайлигидан кўриб-билиб юрдим-ку. Уларнинг босиб кетган излари кўринмагани билан, менинг кўксимда муҳр бўлиб сақланиб қолган, Тўлғаной. У учала оға-иниларни сизларнинг фарзандларингиз эканини Сувонқул бу ерга биринчи марта трактор ҳайдаб келганда билдим.
– Ҳа, ҳа худди ўшанда. Сувонқул ўша йили қиши билан сувнинг нариги томонидаги катта қишлоқдаги тракторчилар курсига қатнаб, тракторчиликни ўрганиб олди. Унда тракторни ким билсин. Сувонқул уйга кечикиб келганда қаердаги бир бўлмағур ишларга ўралашиб юрибсиз, ундан кўра бурунги бригадирлигингиз яхши эмасмиди, эл қатори тирикчилигингизни қилсангизчи, деб уришиб ҳам берардим. Шундай десам, яна кулиб қўйиб: «Тракторни сен ўйинчоқ билиб юрганга ўхшайсан. Шошма ҳали, Тўлған, ёзда ҳайдаб келганимда биларсан» - дер эди. Даладан совқотиб чарчаб келганини кўриб, «Ке, қўй энди» - деб аяр эдим. Ўйлаб кўрсам, Сувонқул ишнинг кўзини билиб юрган экан. Тракторчилар ўқишига овулдан саводли бирон кимса чиқмаганда, Сувонқулнинг ўзи мен бораман саводимни ҳам чиқараман, деб бригадирликдан бўшаб олганди. У кезларда Қосим билан Майсалбек мактабга қатнаб юришарди. Отасига ўшалар муаллимлик қилишди.
Қечқурун уй ичимиз билан оворамиз. Сувонқул ерга бағрини бериб ётиб олиб, ёзишни ўрганганда, уч ўғли уч томонидан ўргатиб, ота, бундай қилиб ёзинг, қаламни бундай ушланг, қўлингизни қалтиратманг, тўғри ёзинг, деб ғужурлашиб ётар эди. Сувонқул кетмон чопгандан баттар қора терга тушиб кетарди. Ўзимни тутолмай кулгим келарди. «Қўйсаларинг-чи, болалар, оталарингни жонига тегмай, мулла қилмоқчимисизлар уни? Сувонқул, жонингизни мунча қийнамай, ё муллаликни, ё тракторни ўргансангиз-чи» десам, хўрсиниб қўярди. «Ҳаммадан ҳам сеники ўтиб кетди-ку. Тракторни ўрганиш учун анчагина муллалик керак экан-да. Масхара қилаверма!» Ҳайтовур, шундай қилиб юриб, охири мақсадига етди...
Илк баҳор, эндигина тупроқ кўчиб қолганда овулнииг четидан дукурлаган овоз чиқиб, аллақаердан ҳурккан йилқилар кўчани қоқ ёриб, пишқириб, тўпи билан чопиб ўтишди. Нима бўлдийкин, деб эшикка чопиб чиқсам, чорбоғ этагида трактор келаётган экан. Қоп-қора чўян машина, тутунини бурқситиб, баҳайбат ғилдираклари билан ерни ўйиб, гумбурлатганича тобора кўчага яқинлашиб келаверди. Унинг атрофидаги халқни кўрсанг, ёшу қари демай, бутун овул чувиллаб, чопқиллашиб юришарди. Одамларга қўшилиб мен ҳам югуриб етиб бордим. Қарасам, учала ўғлим бир-бирини маҳкам ушлашиб, трактор ҳайдаётган отасининг ёнида келишарди. Турқларини кўрсанг, ёвни енгиб келаётгандек, кўзлари чироқдек чақнаб, юзларидан нур ёғиларди. Ўзларида йўқ хурсанд бўлиб, гердайиб, мақтанишиб келишаётган экан. Улар ўша куни эрталабоқ кўприк томонга чопиб кетишган экан, менга айтишмабди ҳам, юбормай қўяди, дейишган бўлса керак. Болаларга эсим оғиб, бирон нима бўлиб қолмасин, деб:
– Қосим, Майсалбек, Жайноқ, ҳа сенларними! Тушинглар! - деб қичқирсам, тракторнинг гуриллашидан ўз товушимии ўзим ҳам эшитмай қолдим. Сувонқул менинг нима деганимни тушунди шекилли, қўрқма, дегандек кулимсираб қўли билан ишора қилиб қўйди. Унинг ҳам қувончи кўксига сиғмай суюниб келарди. Сувонқул ўшанда ёшгина, қора мурт йигит эди. Э, Худоё, болаларнинг отасига шунчалик ўхшаш эканлигини ўшанда сезсам бўладими. Тўртталаси ҳам бирга туғишгандек. Айниқса, Қосим билан Майсалбек худди Сувонқулнинг ўзгинаси – қуйиб қўйгандек эди. Кенжам, Жайноғим бўлса, менга ўхшашроқ, оқ сариқдан келганди.
Трактор шу бўйи овулда тўхтамасдан тўғри далага чиқиб кетди. Ҳаммамиз бирдек – отлиқ ҳам, пиёда ҳам унинг кетидан қолмай эргашиб келяпмиз, энг қизиқтирган нарса – тракторнинг ер ҳайдаши эди. Тракторнинг уч қатор тиши ер бағрини ёриб, чимларни кесиб-қўпориб юриб кетганда одамларнинг бари чувиллаб, «Балли-балли!» дейишиб, хуркиб тисарилган отларига қамчи босиб, унинг кетидан бирга юра бошлади. Нима бўлиб кўпчиликдан айрилиб қолганимни билмайман, бир вақт қарасам, ёлғиз ўзим қолибман. Трактор борган сари узоқлашиб боряпти мен бўлсам жимгина орқадан жавдираб қараб турибман. Бироқ, ўшанда ер юзида менчалик бахтли киши бўлмагандир, хурсандчилигим чексиз эди. Сувонқулнинг овулга биринчи марта трактор ҳайдаб келганигами, ё фарзандларимни шундай кўзга кўриниб, дастёр бўлиб қолишганигами – қайси бирига кўпроқ суюнишимни билмай, ёлвордим: «Қаторлашиб ўтирган бўй-бастиларингдан айланайларим! Илоҳим отангиздек одам бўлсангизлар розиман, ўшанда розиман тақдиримга!» дея такрорлардим.
– Ҳа, Тўлғаной. Она бўлиб, оналик лаззатининг энг ширин дамларини ўшанда тотган эдинг. Сен унда тўлиб тошган, куч-қувватли аёл эдинг. Ишда ҳам ёшлардан қолишмас эдинг.
– Тани-жонинг соғ бўлса, ишлаганга нима етсин. Қолаверса, чиндан ҳам бахтли бўлган эканман. Бирга ўсган тераклардек ўғилларим  эр етиб, ҳар бири ўз йўлларини топиб қолишганди. Қосим отасига тортдими, трактор ҳайдайман деб юриб, трактор ҳайдаб, кейин комбайнчиликни ҳам ўрганиб олди. Бир ёз комбайнда штурвалчи бўлиб, сувнинг нариги бетидаги «Қайинди» колхозида ишлаб юрди. Кейинги йили яна ўзимизнинг овулга комбайнчи бўлиб келди. Она бечорага болаларнинг бари бирдек азиз, албатта. Шундай бўлса ҳам ўртанча ўғлим Майсалбек билан кўпроқ фахрланардим. Эҳтимол, соғиниб юрганимдандир, уясидан эрта учган палопондек, Майсалбегим уйдан эрта кетмадими. У ёшлигиданоқ мактабда яхши ўқимасмиди. Китобга жуда ўч эди, китоб деганда муккасидан кетарди. Шундай қилиб юриб, мактабни битирган заҳоти, муаллимликка ўқиш учун шаҳарга кетмовмиди. Кенжатойим, Жайноқ эса, ўта кетган қизиқчи, очиқ-сочиқ йигит бўлиб ўсди. Уйда туриш йўқ эди унда. Комсомолнинг секретариман, деб, ёшлар қаерда бўлса: мажлисдами, ўйиндами, тўгаракдами, деворий газета чиқаришяптими – бу ҳам ўшалар билан бирга ўша ерда бўларди. Гоҳ жиним қўзиб: «Ҳай, санқи, гармонингни ҳам, тўшагингни ҳам олиб, бир йўла колхоз идорасига кўчиб бора қолсангчи. Сенга уй-жойнинг ҳам кераги йўққа ўхшайди!–десам, Сувонқул ўғлининг тарафини оларди. «Уришма, онаси, кўпчиликнинг юмуши. Бекор юрган бўлса, ўзим ҳам тизгинини тортиб қўярдим» - дер эди. Сувонқул ўша кезларда тағин бригадирлик қилаётган эди. Чунки тракторни энди ёшлар ҳайдай бошламаганмиди.
Кўп ўтмай келинлик ҳам бўлдик. Қосим «Қайинди»да ишлаб юрганда бир-бирига кўнгил қўйиб қолган бўлса керак, Алиманни ўша ёқдан олиб келмадими. Кўҳликкина, хипча белли, ёшгина қиз экан, энг аввал бошдан унга меҳр қўйиб, ўз боламдек кўриб қолдим. Келин ақлли бўлса, ўз болангдек бўлмай нима бўларди. Ростини айтиш керак, келиним ёмон чиқмади. Шунинг ўзи оиланинг катта ризқику. Ҳозир ўйлаб қарасам одам бошига давлат қуши қўнганда, одамнинг ўз феъли атворидан, оилага, элу халққа қилган муомаласидан бир-бирига улашиб, униб ўсиб, кўпайишиб бахт учиб келар экан-да. Шундай топилган толе қадр-қимматли бўларкан. Ўз қонингдек – тўкилса, жон берган билан баробар экан.
Алиман келган йил – унутилмас йил, эсдан чиқмас ёз бўлди. Ўша йили экинлар жуда эрта пишиб берди. Сойдаги катта сув ҳам ҳар йилгидан эрта тўлиб-тошиб оқди. Икки-уч кун сурункасига ёққан ёмғир тоғдаги қорларни дарров эритиб юборди шекилли, дарёнинг ранги бузилиб, ҳадемай селдек тошқинлаб бостириб келди. Эскидан қалқиб турган оролчаларни бир кечада ямлаб, ювиб кетса бўладими.
Шунга қарамай, об-ҳаво ўнгидан келиб, бир текисда исиб турди. Етилпб қолган буғдойлар сарғиш тортиб ер юзини қоплаб, этаги уфққа туташиб кетган қирлардаги экинлар пишиб берди. Ўшанда бизлар қўлга ўроқ тутиб ишгп киришиб кетдик. Майдон чеккаларини ўриб, комбайнга йўл очдик. «Энди келининг билан беллашмай, уйда роҳат қилиб ўтирсанг бўлмайдими!»-деювчилар ҳам йўқ эмасди. Бу сўзларга мен парво қилмасдим, қўлдан келса, эл қатори ишлаганга нима етсин. Келиним иккаламиз бирдек ўроқ ўриб юрдик. Ўша кунлардаги хотиралар ҳеч қачон эсимдан чиқмайди. Алиман буғдойзор чеккасида ўсиб турган гулхайридан бир даста териб олиб, бир вақт қарасам, мендан уялинқириб буғдойзор орасидан жимгина кетиб бораётган экан. Бу нимаси, қўлидагини нима қилар экан, деб турсам, йўл ёқасида турган комбайнга яқинлаб борди-да, гулдастасини комбайн зинапоясига қўя солиб, яна югуриб келди. Комбайнда одам қораси кўринмасди. Қосим қаёққадир кетган экан. У эрта-индин ўримга тушамиз деб комбайнни шайлаб қўйган эди. Алиманнинг бу ишига ич-ичимдан қувониб, Худо хоҳласа, иккаласи аҳил яшаб кетишар экан, деб келинимдан кўнглим таскин топди. Алиманнинг ўшандаги қиёфаси ҳали ҳам кўз ўнгимда: бошида қизил дурра, эгнида оқ кўйлак, хушбичим нимча, қўлида гулхайри ушлаган, ўзи қора мағиздан келган, шаҳло кўзлари чақнаган сулув келинчак эди. У, ажойиб келиним! Гулга мафтун келиним. Ўзиям гулга ишқибоз эди, эрта кўкламда қор остидан бўлса ҳам бойчечак териб келарди... Эсим қурсин, нимани гапираётган эдим. Ҳа, ҳа, ўша куннинг эртасига ўрим бошланиб кетмадими.
Йиғим-теримнинг биринчи куни ўзгача бир байрам эмасми. Шунча юриб ўша куни қовоғи солинган ҳечбир кимсани кўрмадим. Бу кунни ҳеч ким байрам деб атамаса ҳам, ҳар кимнинг овозида қандайдир қувноқлик, юриш-туришда ҳам, ҳайдаган араваси, минган оти, қилган иши ҳаммаси-ҳаммасида бирдек қувноқлик, тўғрисини айтганда, ўримнинг дастлабки куни ҳеч ким ишлаб ёлчитмади. У куни ўйин-кулгидан, ҳазил-мазах гаплардан қўл бўшамайди. Айниқса ўроқчилар орасида қизиқ бўлади, унда ёшлар, қиз-жувонлар кўп эмасми. Томоша ўшаларда. Қосим МТСдан мукофотга олган велосипедни миниб, эрталаб комбайни олдига кетаётганди, бир тўда шўх жувонлар уни тутиб олишди. «Нега сен велосипеддан туша солиб, бизга салом бермайсан? Сен гердайиб қолибсан! Ўроқчиларни кўзга илмай қўйганга ўхшайсан!»-дейишиб, Қосимни ҳар томондан тортишиб, Алиманга бош эгиб кечирим сўратишса бўладими. Қосим бу билангина қутулолгани йўқ. «Қуллуқ қилдим, қуллуқ қилдим!»-деганига қарамай, сен энди бизни велосипедингга миндириб, худди ўрис қизлардек сайр қилдирасан, дейишиб, бир-бирларини велосипедга кўтаришиб миндиришиб, орқасидан қий-чув кўтариб юришиб Қосимни роса овора қилишди. Шунда ҳам велосипедда жўн ўтиришмай, ўйнашиб: «Войдод, акажон, ўлдим, энди ўлдим, йиқилдим, войдод!»-дейишса, бошқаларининг ичаги узилгудек бўлиб: «Ўлсанг ўл, ўлсанг ҳам бўйнидан қучоқлаб йиқил!»-дейишиб далани бошларига кўтариб кулишарди. Шундай қилиб, Қосимнинг жиғига тегишарди. Унинг ўзи ҳам кулгидан маст бўлиб, бўлди энди, деб бирини айлантириб келса, яна бири тегажаклик қилиб унга осилишарди: «Ҳа, менинг ундан нимам кам? Бурним пучуқ, кўзим қийшиқми?»-дейишиб жони ҳолига қўйишмасди. Охири Қосимнинг ҳам жини қўзирди: «Ҳой, сизлар нима бало, қутурдингларми? Оч канадек ёпишасизлар-а? Бас энди. Масхарабозлик қилгани келганмисизлар ё ишлашгами?» Шаддод келинлар шунда ҳам бўш келмай: «Ановини қаранглар! Ишни сен қиласан, ҳукумат комбайнни нимага чиқариб қўйибди!»-дейишарди.
Ёшларгина эмас, нарироқда туриб бу ўйин-кулгига биз ҳам роса қонардик, кулавериб ичакларимиз узиларди. Ҳо, ўшандаги мусаффо осмон! Ўшандаги қуёшнинг порлаши, ўшандаги донли бошоқлар, ўшандаги элнинг кулгиси!..
– Ҳа, Тўлғаной. Ўша куни худди шундай бўлган эди. Сен ўша куни ўз толеингни янада чуқурроқ тушуниб, менга сирингни айтгандинг.
– Мен ҳозир ҳам шуни айтмоқчиман. Ҳозир ҳам ўша фикримдан қайтмайман. Ҳозир ҳам ўша кунларни туганмас жумбоқдек гапириб бераман.
Тез орада ўроқчилар ишга киришиб, адирда иш қизиб кетди. Саратон авжига миниб, қуёш сели қайнарди. Қалбим эрталабки қувончдан талпиниб, руҳим шодланиб, майин шабададан лаззат олгандек роҳатланарди. Ўша кунги қувончларнинг барчаси мен учун, менинг толеим учун ато қилингандек туюларди. Кўзим кўриб, қулоғим уққаннинг ҳаммаси борлиқни, ҳаёт гўзалликларини очиб, ором бахш этарди. Бир томондан ўроқларнинг жаранги, бир ёндан шовуллаб тўкилаётган буғдойларнинг ёқимли овози эшитилиб турса, нариги ёқда Қосимнинг комбайин тошқин сувдек гуркираб «Меҳнат қўшиғи»нинг янгича куйини куйлаётгандек, буғдойни шипириб ўрмоқда эди. Комбайнда ўтирган Қосим шаршарадек қуйилиб тушаётган буғдойга кафтини тутиб, бир ҳовуч донни юзига яқинлаштириб ҳидлаганда, ўзим ҳам бир қоп семириб кетгандек бўлдим: янги доннинг ҳидидек ёқимли ҳид бормикин!
– Э-эй, аравакаш, эртароқ бўл!-деб Қосим тоғ тепасида туриб жар солгандек қичқирган эди, дарҳол арава етиб келиши билан комбайн тўхтади, Алиман: «Сувини элтиб берайин!»-деб кўзани олганича Қосим томонга югурди. Буғдойзор оралаб оқ кўйлак, қизил дуррали Алиман югуриб борар экан, қўлида ушлагани кўза эмас, гўё юрагини тортиқ қилиб кўтариб бораётгандек, севган ёрига бутун борлиғи билан берилганлиги унинг барча ҳаракатларидан сезилиб турарди. «Ҳойна-ҳой, Сувонқул ҳам чанқаб қолгандир»-деган хаёл билан ёнверимга қарасам у кўринмасди. Қайдан кўринсин, ўрим бошлангандан кейин бригадирда тиним бўлармиди. Эртадан-кечгача отдан тушмай дала айланиб юргани-юрган.
Кечки пайт ўроқчиларга аталган янги буғдой нони ҳам тайёр бўлди. Янги нонга биринчи бўлиб ўроқчиларнинг оғзи тегиши илгаридан қолган расм эмасми. Биз у ноннинг унини анҳорнинг четидан ўриб олинган буғдойлардан туйиб тайёрлаган эдик. Янги буғдойнинг нонига оғзи текканда ҳар қачон ҳосиятли таом тотгандек бўламан. Кўринишда қора бўлса ҳам, хамири юмшоқ йўғрилган янги нон унча кўпчиб пишмагани билан унинг думбул таъмига ва қуёш, ер, тутун анқиган тансиқ ҳидига нима етсин!
Қорни очган ўроқчилар ариқ бўйига йиғилишганларида, қуёшнинг оташ нафаси сўниб, уфқ сари бош қўйган эди. У кунги оқшом – одатдагидан ёрқин ва узоққа чўзиладигандек туюларди. Биз уй ичимиз билан олачиқнинг сиртидан ўрин олдик. Сувонқул ҳадеганда келавермади. Жайноқ эса эски одатича яна йўқ, акасининг велосипедини миниб, Қизил уйга варақа илмоқчиман, деб шошилиб кетганди. Алиман бошидаги дуррасини ерга ёзиб қўйиб, уйдан олиб келган олмаларни сочиб ташлади-да, косаларга ачитма қуйди. Комбайнни тўхтатиб, ариқдаги сувга қўлини ювиб келгандан сўнг, Қосим ҳам келиб ўтирди. У чарчоқ ҳолда секин нон ушатар экан:
– Иссиққина экан ҳали ол, опа. Янги буғдойнинг нонини биринчи бўлиб татиб кўр, – деди
– Бисмилло, – деб нондан олдиму, чайнаётиб аллақандай бир янги таъм, янги ҳидни сездим. У ҳид – комбайнни қўлининг ҳиди – сомон, қорамой, темир ушлаган қўлларнинг ҳиди эди. Ноннинг ҳар бир тўғрамидан ўшандай керосин ҳиди ҳам келиб турарди, бироқ умримда шунчалик мазали нон емаган эдим, чунки у нонни ўғлимнинг меҳнаткаш қўллари ушатиб берган эди, у нон кўпчиликнинг нони, шу даврада тўрежаишиб ўтирган кишиларнинг топган нони эди. Шу чоқда мен онанинг ким эканлигини, унинг бахти бамисоли буғдойнинг униб чиққан пояси бўлса, унинг туб-томири ер билан чирмашгандек, элнинг, кўпчиликнинг бахту саодатидан ажралмас эканини ўйладим. Ҳа, мен ҳозир ҳам бунга ишонаман.
Майли, бу бечора бошимга нималар тушмади... Эл-юрт бор экан – ҳаёт ҳам бор...
Шу аснода Сувонқулни кутавериб кеч ҳам кирди. Ёшлар у ёқдаги сув бўйига боришиб, жар ёқасида ловиллаган гулхан ёқишди, қўшиқ айта бошлашди. Уларнинг орасида қиёқ  чалиб баланд товуш билан қўшиқ айтган Жайноқнинг таниш овози қулоққа чалинар эди: «Овозингдан ўргилай, ёшлигингда сайраб қол, тенгқурлар билан жўр овоз бўлиб айтилган қўшиқ, кўнгилни очиб, одамларни бир-бирига яқинлаштириб иноқлаштиради» – деб, тинглаб ўтирдим. Ахир онаман-да, она! Фикри хаёлимда болаларим, уларнинг келажаги бўларди, «Қосим-ку одам бўлиб қолди,– деб ўйлардим ўзимча. Ёз чиқиши билан келинчаги иккови алоҳида уй-жой қуриб кетишади. Меҳнаткашлиги ҳам худди отасининг ўзи, қоронғи тушиб қолса ҳам комбайн, тракторнинг чироғини порлатиб, далада буғдой ўриб юргани-юрган эди, Алиман ҳам қаватида, иш вақтида бир дам бирга бўлиш ҳам улар учун ғанимат эмасми. Майсалбегимни ўйлаганимда соғинганимдан кўзимга жиққа ёш келарди. Ўтган жума куни хат ёзиб, унда бу йил ёзда уйга боролмасам керак, пионер лагерига бошлиқ бўлиб Иссиқкўлга жўнаяпман, дебди. «Майли, шу касбни севган экан, қаерда бўлса ҳам омон бўлсин»-деб дуо қилардим.
Сувонқул келиб овқатланганидан сўнг, тунда овулга қайтдик. Эрталаб мол ҳолга қараши керак эди, кечқурун эса уларга кўз-қулоқ бўлиб туришни қўшним Ойшага тайинлаб келгандим. У бечора касалманд бўлиб, бир кун соғ бўлса, бир кун касал бўлиб ишга чиқолмас эди.
Биз отга мингашиб келаётганимизда, тун мудраб, дала осуда эди. Майин эсган шабада қоронғида шитирлаб, ўт-ўланлар бошини ялаб ўтар, ой шуъласида чайқалган буғдойзорлар мавжланиб, кўланкаларини ўйнатар ва толиққан ер уйқуга кетган эди. Олисда оққан сой шарқираб, гўё унинг бешигини тебратаётгандек туюларди. Буғдойзор ичида эса чигирткалар чириллар эди. Табиатнинг бу сукунатли дамлари қандайдир ўтган-кетганларни ёдга солиб, алланималарни эслатиб, юракни зориқтирарди. Сувонқулнинг белбоғидан маҳкам ушлаб, мингашиб келяпман. У мени, олдинга ўтиришни таклиф этса ҳам, унамай, ҳар доим шундай орқада мингашиб юришни яхши кўрардим. Отни баъзан йўрғалатиб, баъзан йўрттириб бораётган Сувонқулнинг жимгина келиши ҳам, унинг камсуханлиги ва эгарда ҳорғин ҳолда ўтириши ҳам мен учун жондан азиз эди. «Ҳа, бояқишим, умр ўтиб, қариб боряпмиз, ҳар қалай умрни зое кетказмаганга ўхшаймиз. Ҳаёт шундай экан – иккаламиз гўё кечагина қўшилгандаймизу, буни қара, қанча вақтлар ўтиб кетибди. Шундай бўлса ҳам ҳаёт қандай ширин, ҳали ҳам қалбдаги орзу-умидлар тугамайди»–деб ўйлаб келаётиб, бошимни кўтариб осмонга қарасам, юрагим «шув» этиб кетди: Сомон йўли худди ўша вақтдагидек осмоннинг у бошидан бу бошига чўзилиб ётган экан. Чиндан ҳам осмон гумбази бўйлаб тунги юлдузлар орасидан қандайдир бир алп деҳқон хирмонда бир қучоқ сомон кўтариб ўтгану, йўлда тўкилиб қолган тўпон кўзга аниқ кўриниб тургандек. Ҳатто сочилиб ётган сомонни шамол ўйнатаётгандек, милтираб учган майда учқунлар ялт-ялт қилиб товланиб ётарди. «Вой, тавба!»-деб ёқамни ушладим. Ўша тун, ўша ёшлик кезлари ярқ этиб кўз ўнгимга келди. Ўйлаб қарасам, ўшандаги орзу-ниятларимизнинг ҳаммаси рўёбга чиқмадими? Ҳа, ер-сув элники бўлиб, кўп қатори биз ҳам қўш ҳайдадик, экин экиб, хирмон кўтариб, тилагимизга етдик. Замон ўзгариб, бундай бахтли кунлар келишини ўшанда ким билсин, ҳайтовур, яхши ният – ярим мол, деганларидек, кўпнинг нияти ерда қолмас экан-да, дедим ўзимча. Шундай хаёлларга берилиб, жимгина кетаётганимда Сувонқул ялт этиб орқасига қайрилди: «Нима, ухлаб қолдингми дейман, Тўлғаной? Гапирмайсан? – деди. – Мен ҳам бугун роса чарчадим. Ҳозир уйга етамиз. Ёки янги кўча билан бурилиб кетайликми?» «Бурила қолайлик» - дедим мен.
Янги кўча деганимиз овулга кираверишдаги йўл бўйида эди. У кўча бўлиб кўча ҳам эмасди, ўша йили кўкламда уй қурадиган ёшларга участка берилган эди. Қосим билан Алиман ҳам янги кўчанинг бошидан ер олишганди. Ғиштларни аста-секин уч киши бўлиб қуйишиб, териб, пойдевор ўрнини ҳам қазиб қўйишганди. Ўтган ҳафтада икки кун сойдан тош териб, уйнинг ўрнига ташиб келтиришганди. Биз ўшани кўришга бурилдик, бундан буён ўроқ маҳалида кундуз кунлари осонликча қўл бўшайдими. Уюлиб ётган катта тепа тошларни кўриб, Сувонқул болаларнинг ишидан хурсанд бўлди: Кўнглинг тўқ бўлсин, онаси, тош бемалол етиб ортади, молхоналик тош ҳам ортиб қолар,– деди у.– Йиғим-теримни тугатгандан кейин, ёпирилиб, деворини кўтариб, устини «ёпиб оламизу, қолганини келгуси ёзда битказамиз. Тўғрими, Тўлған?» «Тўғри, устини ёпиб олсак, қолганини ҳам омонлик бўлса битказамиз. Жайноғимиз шошиб, ўпкасини қўлтиқлаб қолибди. Бу кўча Комсомол кўчаси аталсин деб қарор чиқардик, дейди. Алиман янгаси бўлса уни мазах қилиб кулиб: ҳой кичкина бола, туғилмаган болага элдан бурун от қўйгандек, яланғоч ерга ном излаб овора бўлиб юргандан кўра, олдин уйланиб, жой-пой қилиб, кўча қурсангчи, кўчага ном қўйиш қочмас, деса, Жайноқ ҳам бўш келмай: - Йўқ, сиз тўғри тушунмаяпсиз, деб талашиб-тортишиб кетди».
Сувонқул менинг бу сўзимга кулиб қўйди: «У қурмагурни қанчалик шошқалоқ дейишмасин, аммо кўчанинг номини тўғри топибди. Мана бу қурилаётган уйларнинг ҳаммаси ёшларники-да, ҳаммаси ўсиб келаётган ёш авлодники. Элнинг ўз-ўзидан ўсиб-унаётгани учун, овулимизга сиғишмай, янги қишлоқ қуряпмиз, мана шу кўча битсин, ўшанда кўрасан, ўғлимнинг айтганларн ҳаммаси тўғри чиқади...»
Биз шу зайлда сўзлашиб келаётган тун, кейин билсам, дунёнинг энг қирғинли туни экан.

II

- Бошингни юқори кўтар, Тўлғаной, бардам бўл.
- Тўғри. Бундан бошқа иложим қанча. Эсингдами, айланайин она-Ер, ўша кунги воқеалар?
Мен ҳеч нимани унутмайман, Тўлғаной. Ёруғ дунё бино бўлгандан бери ўтган-кетган нарсаларнинг ҳаммаси ёдимда. Китобга сиғмаган, одамлар унутган тарихнинг бари менинг ёдимда, сенинг ҳам бошингдан ўтказганларинг бариси дилимда. Сўзлай бер, сўзла, Тўлғаной, бугун қулоғим сенда.
– Оҳ, нимани айтайин. Ўшанинг эртаси куни қуёш чиқар-чиқмас ўроқ ўриб, ишга тушдик. У куни биз катта сой ёқасидаги жарликдаги буғдойзорда иш бошладик. Эндигина қизғин иш бошлаган эдик, сувнинг нариги бетидан чопиб келаётган отлиқ кўринди. Худди орқасидан ёв қувиб келаётгандек. Чакалак-қамишзорларни оралаб, отининг ёлига ёпишиб олганича бир одам сув ёнидаги тошлоққа келди-да, отининг тизгинини тортмай туриб ниқтаб солди. Бу ким бўлди экан, пастдаги кўприкдан ўтмасдан, нега мунча шошилди экан деб қараб турдик. Отлиқ – ўрис йигит экан. Жийрон айғирни қамчилаб сувга солганда, ҳаммамиз ҳайратланиб қотиб қолдик: дарёда сув бўлган пайтда бу ердан ҳеч ким ўтолмас эди; от тугул туяни ҳам оқизиб кетадиган тошқин дарё ҳайқириб ётса-ю, жонидан тўйган ким экан? «Ҳой, ўртоқ, тўхта, қайт орқангга!»-дегунча бўлмай тижинглаган айғирни сапчитганича қамчи босиб ҳалиги отлиқ ўзини сувга урди. У, алланарсаларни қичқириб қўл силкиди. Аммо дарёнинг шовқинидан ҳеч нима эштилмасди. Гулдураб кўпик отиб тўлқинланган сув кўз очиб юмгунча отлиқни олиб кетди. Қулоғини чимирган айғирнинг боши тўлқинлар орасида бир кўриниб, бир кўринмай борарди. Асов дарё икки қўллаб отининг ёлига ёпишиб олган ҳалиги кишининг шапкасини бошидан юлиб олиб, ўзи билан бирга оқизиб кетаётган эди. Бироқ отлиқ оқим кучидан фойдаланиб, тобора қирғоққа яқинлашаверди. У пастда, тегирмонга қуйиладиган жойга бориб, сувдан чиққанда ҳаммамиз енгил нафас олдик. Баъзилар: азамат йигит экан, дейишса, баъзилар: у соғ эмас, маст бўлиб, қутуриб юрган қандайдир кимса бўлса керак, дейишарди.
Тегирмоннинг ёнгинасида буғдой ўриб юрган Қосимнинг комбайни жимиб қолганди. Мен унга анчагача эътибор қилмабман. Эҳтимол, бирор ери бузилгандир, иш пайтида ҳар нарса бўлиши мумкин. Ҳеч қаёққа қарамай, ҳадеб ўроқ тортавердим. Кутилмаганда ёнимда турган Алиман жонининг борича «Эна!» деб қичқириб юборди. Бундай қарасам, ўроғини ташлаб юбориб, келинимнинг ранги қув ўчиб, кўм-кўк бўлиб кўкариб кетибди. «Илон чақиб олдимикин?»-деб ўйлаб: «Вой-вой, келинимга нима бўлди?» – деб олдига чопиб бордим. Алиман ғиқ этмасди. Унинг олайган кўзлари тикилиб турган томонга қараб турганимда, этим жунжикиб кетди. Комбайннинг ёнидан аллақандай қийқириқ товушлар эшитиларди; чор атрофдан отлиқ, яёв, аравада буғдойзор оралаб одамлар чопиб келишарди. «Вой, энажон!» – деб қичқирган Алиман комбайн томон жон ҳолатда югуриб кетди. «Воҳ, булар соғга ўхшамайди! Комбайннинг тишига илиниб, майиб бўлган шекилли!» – деган сўзлар қулоғимга урилиб, бутун вужудимни қамраб олди. «Бўл кетдик!»–дейишганда, ўроқчилар ёпирилиб югуришди. «Худо ўзинг сақла, Худо ўзинг сақла, Худо!..» – деб улар орқасидан югуриб кетаётиб, ариқдан сакрайман деб юз тубан йиқилиб, ўрнимдан турдим. Яна югуриб кетдим. Воҳ, ўшандаги жон талвасам-эй! Буғдойга ўт тушгандек устимдаги кўйлагим, буткул вужудим, сочимнинг тубигача зирқираб, талпиниб чопардим. Осмондаги сўқир қуёш юзига парда тутиб олгандек кўз ўнгимда бир неча бўлиб кўриниб, бошим айланарди. Уларга етолмай йиқилар эканман, тўхтанглар, деб қичқирай десам, овозим чиқмасди.
Шу зайлда югуриб, комбайнга етиб борганимда, тўрежаган одамлар чувалашиб, кийим-кечаги жиққа ҳўл, жийрон айғирни жиловидан ушлаб олган бир одамни ўраб олишган экан. «Бундай туринглар, мени қўйиб юборинглар»–деб тўдани ёриб кирганимда комбайн ёнида турган Қосим билан Алиманни кўрганимда қалтираган қўлларимни узатиб боламга ташландим. Қосим ҳозирланиб, дарҳол мени тўсиб қолди-да: «Она, уруш бошланибди!» – деди. «Уруш? Уруш дейсанми?» Бу сўзни мен ҳеч қачон эшитмагандек, унинг маъносига тушунмагандек, яна қайтариб сўрадим. «Ҳа, она, уруш бошланибди» деди Қосим. «Нима учун уруш? Қанақа уруш?» Бу совуқ хабарнинг ортида нималар ётганини пайқамагандек, «Уруш, уруш дейсанми?»–деб пичирлаб туриб, юрагимда пайдо бўлган қўрқинчдан нафасим қисилиб, йиғлаб юбордим. Мени кўриб бошқа аёллар ҳам чувиллаб йиғлаб юборишди.
“Эҳ, хотинлар, тўхтанглар ҳозир! Жим бўлинглар!”- деб кимдир биров қичқирди. Шунда баримиз ундан маслаҳат кутгандек жим бўлиб қолдик. Далага ҳам сукунат чўкди. Шу сув сепгандек жимликни аллакимнинг луқмаси бузди: «Урушга кетар эканмиз-да!» Унинг гапига ҳеч ким жавоб қайтармади. Сокинлик баттар кучая бориб, сойда шовуллаб оқаётган дарёнинг товуши қулоққа янада аниқроқ эшитила бошлади. Қосим тўрежаганларга бир сидра қараб олди-да, ўз-ўзига гапирётгандек ғудурланди: «Энди экин-тикинни эртароқ йиғиб олиш керак, бўлмаса қор остида қолиб кетади» – сўнгра яна бир оз жим қолиб, бирдан ёрдамчисига қатъий буюрди. «Нимага анграйиб турибсан, юргиз моторни! Сизларчи, сизлар энди нимага қараб турибсизлар, ўроқчилар! Одам етишмай қолса азобини ўзларинг тортасизлар. Қани туринглар, урушда туриш йўқ!»
Одамлар қўзғала бошлади. Боядан бери бошини қуйи солиб турган хабарчи шундагина қаддини ростлади. Ёшгина ўрис йигит экан, ҳўл сочлари пешонасига ёпишиб, кўк кўзлари, Худо билади, умрида биринчи марта шунчалик ғамга ботган бўлса керак. Унинг қанчалик ташвишга тушганлиги беғубор юзидан шундоққина билиниб турарди. У чуқур хўрсинди-да, ёнида яйдоқ отини миниб турган йигитга юзланиб, қирғизча гапирди: «Оғайни, сен ҳозир овулга чопиб бориб, раисни, қишлоқ Советини, бригадирни топ, тўхтамай, райкомга жўнасин, хўпми? Мен яна иккита колхозга боришим керак». Хабарчи жийрон айғирига миниб, йўлга тушган эди, ҳалиги бизнинг овулдош йигит: «Ҳой, дўстим, тура тур!– деб бери чақирди. Шапканг оқиб кетибди. Ма, менинг қалпоғимни кийиб ол, кун ўтиб кетмасин» – деди.
Ҳозиргина дарёдан кечиб ўтган жийрон айғир оҳудек сакраб, йўлга тушганда, орқасидан қуюқ чанг кўтарилиб, хабарчининг қораси кўздан ғойиб бўлди. Уни кузатиб турган одамларнинг ҳаммаси ҳам турли хаёлларга берилган шекилли, комбайн билан тракторнинг моторлари бирдан ўт олиб бараварига гуриллаганда, улар чўчиб тушиб, бир-бирларига ялт этиб қараб қўйишди.
Ўша дақиқадан бошлаб янги ҳаёт, уруш ҳаёти бошланмадими...
– Ҳа, Тўлғаной, ўша хабарчининг дупур-дупури ҳали ҳам қулоғим остидан кетмай, отининг туёқлари теккан излар танамда муҳрдек сақланиб қолди.
– Э-э, мунаввар Ер, айтаверсак иккимизники ҳам тугамайди. Биласан-ку, кун қандай жазирама иссиқ эди. Жонли, жонсизнинг ҳаммасиии ҳарсиллатиб юбормадими, ғалла ҳам ўша йили тиралиб қолган экан, чексиз майдонда тўрт-беш кун ичида қийғос пишиб бермадими. Ҳамма ёқни ғалла босиб кетганди. Шошган иш қурсин, ўрилган буғдойни боғлашга ҳам улгурмай, шу бўйича араваларга тўкиб-сочиб юклаганда, қанчаси исроф бўларди. У ҳам майли-я, ичим ачиганда элга ачирди. Аскарга чақирилганлар кун сайин кетиб боряпти, қолганлари эса жонини жабборга бериб, куну тун демай, жазирама иссиқда далада, хирмонда ҳосилни йиғиб-териб олгунча зўр бериб ишлаб ётишди. Бойқиш Қосим, болам, битмаганнинг барини битказадигандек, куну тун комбайн устидан тушмасди, тиниб-тинчимасди. Қосимгина эмас, унинг комбайни ҳам жонли бир нимадек қаҳр билан гуриллаб, чанг-тўзон ичида бир майдондан иккинчи майдонга ёпирилиб кириб, буғдойни шипириб ўрарди. Қосимим эса комбайннинг устида парвозга ҳозирланган бургутдек, олди томонидан кўз узмай, яна қанчаси қолди, бугун қанчасини ўриб улгураман, дегандек тобора олға интиларди. Ўша кунлари у қоп-қора бўлиб, куйиб кетганди. Қўрсанг, эсинг оғиб қоларди, лаблари ёрилиб, жағлари шилинган, соқол-мўйлови патак бўлиб кетганди. «Шу зайлда ишлаб юриб, охири нима бўларкансан, болам, иссиқ ўтиб кетиб, комбайндан қулаб тушмасмикинсан?»–деб ичимдан куйинаман, бироқ айтишга оғзим бормайди. Дунёда нима ўтиб, нима қайтаётгани маълум-ку.
Орадан кўп ўтмай Қосимга ҳам навбат келди. Ўша куни тушга яқин комбайн томонга югуриб кетган Алиман, бир вақт қарасам, қовоғи осилган ҳолда қайтди. «Чақирув қоғози келибди»–деди у зўрға гапириб. «Қачон?» –«Ҳали, қишлоқ Советидан келтириб беришибди». Ўғлимнинг ахир бир куни кўп қатори аскарликка кетишини билиб юрардиму, шундай бўлса ҳам, бу хабарни эшитганда бўғинларим бўшашиб, нима учундир ўроқ тутган қўлларим қалтираб кетди. Ўроғим қўлимдан тушиб, ерга ўтирдим қолдим. «Ундай бўлса, бу ерда нима қилиб юрибди у, тайёрланмайдими?»–дедим лабларим титраб. «Қечқурун бораман, деди. Менга уйга бориб ҳозирлик кўришни айтди. Мен кетаверайин, эна. Отамга айтиб қўярсиз. Кичкина бола қаерда юрибди экан... Айтиб қўярсиз». «Сен бора қол, Алиман. Хамир қилиб тур, мен ҳам ҳозир бораман».
Алиман кетгандан кейин ҳам анчагача ўрнимдан туролмай шалвираб ўтирдим. Ҳатто бошимдан сидирилиб тушган рўмолимни олишга ҳам қурбим келмади. Ерга тикилиб ўтирсам, қумурсқалар йўл солиб, нари-бери чопишиб, дон ташиб, сомон судраб, ғимирлаб юришган экан. Нима учун шу хаёлларга борганимни билмайман, қумурсқаларнинг шу зайлда ҳеч нимадан бехабар ўрмалаб юрганларини кўриб, кўз ёшларимни тийдим.
Шу маҳал аравасини ҳайдаб, Жайноқ етиб келди. Шу кезларда у станцияга ғалла ташиб юрарди. Акасининг аскарга кетишини эшитиб келган шекилли, аравадан сакраб тушиб: «Юра қол она, уйга борайлик» – деб, мени қўлтиқлаб аравага миндирди. Шу қисқа вақт ичида кенжа болам таниб бўлмас даражада ўзгарган эди. Илгариги ҳазил-мазах қилиқлари йўқ, кўпни кўрган катта одамдек босиқ бўлиб қолибди. Жайноқнинг афтига тикилиб, нима учундир уни у кунги хабарчи ўрис йигитга ўхшатдим. Ҳа, бунинг кўзларида ҳам ўшаникидек ўйчанлик, эсайганлик сезилиб турарди. Кўпнинг бошига ғам тушса, одамзоднинг бари ҳам бирдек экан, дедим ичимда. Шуларни ўйлаб келар эканман, Майсалбегимдан анчадан бери хабар келмаганини эслаб, яна юрагим алланечук бўлиб кетди: «У нима бўлди экан? Аскарга олиб кетдимикин, ё бошқа бир нима бўлдимикин? Икки энликкина хат ёзиб дарагини билдириб қўйса бўлмасмикин, боласи тушмагур. Рухсат берса уйгаёқ келмайдими, энди ким ҳам ўқирди. Ота-она эсига келмайдиганга ўхшайди, узоқда юриб, тош меҳр бўлиб кетганми?»–деб ҳар қайсисининг ташвишини алоҳида тортиб аравада келардим. «Э, Жайноқ,– дедим мен,–сен станцияга қатнаб турибсан, қандай, урушнинг тўхтайдиган сиёғи бордайми?» «Йўқ, она,–деди у ўшанда,– ҳозирча аҳвол оғир. Немислар бостириб келяпти. Бизникилар энди ўшаларни тўхтатиб, қаддини ростласа, куч йиғиб олардик. Сен, опа, уни-буни ўйлайверма, кўп нима бўлса, биз ҳам шу-да...» А-а, садағанг кетай. У мени юпатмоқчи. Кўзимни кўр, қулоғимни кар қилсам ҳам қандай ўйламай бўлади.
Уйга келсам, Алиманим хамирни чала йўғирганича хўрсиниб йиғлаб ўтирибди. «Сен нима, элдан бошқачамисан. Одамлардан ортиқ жойинг борми, элнинг бари аскарга жўнаб кетяпти-ку, мунча энди бўшашдинг, шўринг қурғур!»–деб койиб берай дедиму, яна: «Кел ёш кимсанинг дилини оғритмайин, кўнгли чўкиб қолмасин»–деб жим бўлдим. Ёки, ўшандаёқ қаттиқроқ гапирсам бўлармиди? Қосим кечроқ, пешиндан ўтиб, кун ботганда уйга келди. У ҳовлига келиши билан Алиман ёқиб турган ўтинини ташлаб, югуриб бориб бўйнига осилди-да: «Сендан ажралмайман! Сендан ажралмай ўламан!»–деб уввос тортиб йиғлади. Қосим комбайндан тушган бўйича чангу тупроққа ботиб келаётган экан: «Ҳамма ёғим тупроқ, Алиман. Тура тур, совунингни олиб кел, катта сувга бориб ювинайин» – деган эди, Алиманнинг менга ялт-ялг қараганидан ийманганини сеза солиб, сув олиб кел, деб кўлига челак тутқазиб қўйдим. Улар ўшанда ой чиққандан кейин, кеч қайтишди. Уйдаги ишларни Жайноқ иккимиз битирдик. Ярим кечада Сувонқул ҳам етиб келди. Қаёқларда юрибди экан, десам, кундузиёқ, тоққа чиқиб кетиб, ўзимизнинг саман отни йилқидан ушлаб келибди. Ажойиб йўрға эди. Овулдаги қиз-жувонларнинг: «Остингда саман йўрға, чоптирасан йўл-йўлга»–деганлари ўша эди-да. Ўғли аскарга жўнаб кетаётганда, бир кун бўлса ҳам, йўрғасини миниб қолсин, деган бўлса керак отаси.
Эртаси куни азонда отлантириб, ҳарбий комиссариатга жўнадик. Ўшанда биринчи сафар ёппасига аскарга олинмадими. Ҳар томондан қўшилиб, йўлда чувалашган араваларни, одамларни кўрсанг, сон-саноғи йўқ, олди катта Қапчиғайга кира бошласа ҳам, кети эса кўринмасди. Туман марказига тўрежаган одамлар кўчага сиғмасди. Отлиқ, аравалик, аёл, бола-чақалар. Ҳар бири ўз яқинини қуршаб, ёнидан нари жилмайди. Лекин, кўп дегани ҳазил гап эмас, «кўп йиғилса кўл бўлур» деганлари рост экан. Ўша тўполонли йиғинда ҳам жангга бораётган, ғайратли, азамат йигитлар бардам сўзлаб, бардам юриб, ҳатто қўшиқ айтиб ўйнаб, қийқиришиб, кўпчиликнинг кўнглини кўтаришарди. Ўрисча, қирғизча куйлар аралашиб, бир оғиздан айтилган «Катюша» деганлари баримизга хуш келди. «Катюша» қизнинг номи экан-да, ўша кездаги ёшларнинг суйган ашуласи экан-да...
Аскарга чақирилганлар ҳарбий комиссариатнинг ҳовлисига сиғмагани учун, уларни катта кўчанинг ўртасига қатор-қатор тизиб, ҳар бирининг номини айтиб чақира бошлаганда, йиғилган халқ бир текисда тинчланиб, жимиб қолди.
Шундай қарасам, урушга кетиб бораётганлар сараланган сухсурдек йигитлар экан, йўқламада номи чиққанлар «менман!» - деб жавоб бериб, биз томон ялт этиб қараб қўйишар, «Сувонқулов Қосим» деганда юрагим «шув» этиб, нафасим ичимга тушиб кетди. «Менман!»–деди Қосим. Алиман шу пайт қўлимни маҳкам ушлаб: «Энажон» – деб шивирлаб юборди. Унинг дардини билиб турибман, лекин билган билан иложим қанча: кўпга келган тўйдан ким ўзини олиб қочади. Эҳ, Алиман, Алиманим-эй, давр талабинн, халқ талабини яхши тушунар эди. Бироқ, мен ўз ёрига шунчалик берилган, уни шунчалик севган аёлни ҳали кўрмаган эдим. Алиманнинг хайрлашганини эсласам, жонимни унга садақа қилгим келади. Ўша куни биз овулга қайтиб келдик, сабаби, аскарларни бир кун ўтиб эртаси жўнатар экан, дейишди. Қолхозимиз катта йўлга яқин эмасми – бу ерда зориқмай, уйга бориб туринглар, кета туриб хайрлашиб ўтаман деб, Қосим қистаб қўймади. Алиманнинг миниб келишига Сувонқулнинг отини қолдириб, биз аравада қайтдик. Жайноқ ҳам туманда қолди, унга араваси билан аскарларни ташиб туриш тайинланганди.
Тунда ҳувиллаган уйга келиб, ётмай, йиғлаб ўтирсам, Сувонқул чой қўя ётиб, менга тасалли беришга уринди. Ўшанда айтганларини сира унутмайман: «Икковимиз ким эдик, Тўлғаной. Мана шу эл, мана шу юрт бизни одам қилди. Яхшилик кўрдик, энди ёмон кунига дуч келганда, ҳар биримиз ўз ғамимизни еб қайғураверсак, биз нима деган одам бўлдик. Эртага бардам бўл. Алиман сен билан менинг кўрганимизнинг ўндан бирини ҳам кўргани йўқ, у йиғласа – йўриғи бошқа. Сен – онасан: билиб қўйгин, уруш шундай кучаяверса, мен ҳам кетаман, Майсалбекнинг ҳам ёши етиб турибди, керак бўлса – баримиз кетамиз. Мана шунга, Тўлғаной, ҳозирдан кўникавер...»
Эртасига тушдан кейин аскарларни станцияга жўната бошлашди. Қосим билан Алиман йўлни қисқартиб, улардан олдин келишди. Уйингга кириб хайрлашиб чиққин, деб, Қосимга рухсат беришибди. Алиманнинг икки кўзи қип-қизил, қовоқлари шишиб кетган, йўл бўйи йиғлаб келган бўлса керак. Қосим сир бермагани билан, у ҳам ич-ичидаи куйинарди. Алиманнинг кўз ёшлари, унинг жавдираб тикилиб туришлари Қосимга қаттиқ таъсир қилди шекилли, ҳақиқатан ҳам шундай гап бўлдими, ҳайтовур, у отдан тушган заҳоти: «Сизлар станциягача кузатамиз деб овора бўлманглар, ота, балки мен қайтиб қоларман – тракторчи, комбайнчиларни бўшатмоқчи бўлиб туришибди. Буйруқ келиб қолса, уйларингга қайтарамиз, дейишди»–деди. Энди ўйласам, Алиманни аяб, бизни аяб айтган сўзи экан. Станциянинг ораси ҳам бир кунлик йўл эмасми, қайтишни ҳам ҳисобга олганга ўхшайди. Мен дарров ўша сўзга ишониб қўя қолдим, умид қурғур одам билан ҳамиша бирга экан. Бироқ, кейинчалик Қосим буларни атайлаб айтганини билдим. Ҳаммамиз ҳам бирдек билдик чоғи.
Орқадан келаётган йўловчилардан олдинроқ овулдан чиқиб, катта йўлдан Қосимни кузатиб бораётганимизда, далада ишлаётганларнинг ҳаммаси хайрлашгани югуриб келишди. Арава ҳайдаган, ўроқ ўрган, хирмон бостираётганлар ҳам қолгани йўқ. Қосимнинг комбайни шу орада буғдой ўриб юрган экан. Комбайнни тўхтатиб унда ишлаётганлар ҳам етиб келишди.
– Тўғри айтасан, Тўлғаной...
– Ҳа, қутлуғ далам, уста жангга кетарда болғаси билан видолашади, дейишади. Қосим ҳам ўз касбининг устаси эмасмиди. Қосим овулдошлари билан хайрлаша туриб, комбайнга яқин келиб тўхтаганда, катта йўл томонга бир қараб қўйди. Қизил байроқ кўтариб, аравада, отда келаётганларнинг олди муюлишдан эндигина кўзга ташланган эди. «Ота, ушлаб туринг-чи» – деб Сувонқулга отнинг жиловини бера солиб, Қосим комбайнига қичаб борди, сўнг унинг ҳамма томонига бир сидра кўз югуртириб олдида, бирдан устига сакраб чиқди. «Ҳайда, Эшонқул! Боягидек ҳайдайвер!»–деб, тракторчига қичқирди. Элас-элас эшитилиб турган мотор овози бирдан бор қуввати билан гуриллаб, шақирлаб ўрнидан қўзғалган комбайн ортидан сомон, тўпон тўзғитиб, донни бир томонга ажратиб, шитоб билан буғдойларни ўра бошлади. Ўша пайтда менинг кўзимга шундай кўриндими, у оддийгина комбайн эмас, балки қанотини ёйиб, ер бағирлаб учиб бораётган баҳайбат чўл бургутидек бўлиб туюларди. Штурвални маҳкам ушлаб олган Қосим эса юзини илиқ шамолга тутиб, кўкрагини кериб, кулиб турарди. Тракторчи иккаласи ўша ерда нималарнидир қичқиришиб, шовқин солишиб, янада тезлатиб, тракторни майдон чеккасидан қайтара солиб келаётганда, қараб турган одамлар бир дақиқа ҳамма нарсани унутиб, қувонч билан кузатиб туришарди. Алиман ҳам ўшанда ҳозир айрилишини унутгандек кўзлари порлаб, ўзича ғурурланиб, қувониб турарди. Баридан ҳам ҳалиги қўшнимиз Ойшанинг боласи, ўшандаги ўн уч-ўн тўртлардаги Бектош,– шу кезларда комбайнда сомон тортарди,– онанг айлангур, комбайнинг устида туриб Қосим билан қучоқлашиб, хайрлашса бўладими. Қосим уни қўлига кўтариб, бету бошидан суйиб, энди сен ўргангин буни, дегандек, штурвални боланинг қўлига тутқазиб, ўрнига қолган ёрдамчиси билан хайрлашди-да, комбайндан тушиб келди. Этим жунжикиб, Сувонқулнинг тундаги гапларини эслаб, аранг тишимни тишимга қўйиб турдим. Йўлга қарасам, аскарга жўнаётганлар овулнинг ёнидан ўтиб, етиб келган экан. Шундай қилиб, Қосимни жўнатиб, тўрежаганлар ҳаммамиз у билан хайрлашдик. Алиманим-эй, сенга аён бўлганмиди, катта-кичикдан тортинмай, нимага шунчалик бўзлаб осилдинг? «Хайр энди, Алиман, меп қайтиб келаман, кўрасан-ку, эртагаёқ бўшаб келаман, йиғлама мунча, мен келаман, кутгин мени!»–деб Қосим отланиш учун узангини ушлаганда, Алиман яна чопиб бориб, бўйнига осилиб, ёш болалардек, қўлидан тортиб, бирпас тўхта, деб йиғлайверди. «Бўлмаса, болам, анови йўл бўйигача кузатиб кел,– деди Сувонқул келинига.– Биз шу ерда қоламиз. Ўртоқлари узаб кетмасин, Қосим, бу ёққа қара-чи!»
Улар бир оз бир-бирига индамай тикилиб туришди-да: «Тушундингми?»–деди Сувонқул. «Тушундим, ота!»–деди Қосим. «Энди борақол!» Сувонқул отига миниб, хирмон томонга чопиб кетди. Қосим мен билан хайрлашганда: «Майсалбекдан хат келса, манзилини солиб юборинглар»–деди. Қосим билан Алиман отни етаклаб, қўл ушлашиб кетишди. Катта йўлга чиқиб олгунча орқасидан қараб турдим. Алиман бора-боргунча узангига осилиб, чопиб борарди. Шунда Қосим от устида турганча, хотинининг пешонасидан сўнгги бор ўпиб, саман йўрғанинг бошини қўйиб берганда, унинг кетидан чанг-тўзон ичида Алиман қўл силкиб югурарди.
Эртаси куни кечқурун яйдоқ саман йўрғани аравасининг орқасига боғлаб, Жайноқ станциядан олиб келди.

III

– Нега жимиб қолдинг, Тўлғаной?
– Ўша йили яна нималар бўлганини эслаяпман. Ҳайтовур, ким билсин, ҳаёт оғирлашиб кетганидан одамлар чўчиб қолишмадими. Узоқларда қирғин бўлиб, қон тўкилиб ётганда, бизнинг ёпишганимиз – иш бўлди. Қосимнинг айтгани тўғри чиқди: ишга қанчалик ёпирилиб киришсак ҳам урушнинг касофатидан экин тикинларни охиригача йиғиштириб ололмадик. Картошкалар қор остида қолиб кетди. Овулда катта куч бўлган эркаклар бирин-кетин сийраклашиб, аскарга кетиб қолавермадими. Қолганимиз эртадан кечгача уруш нима бўляпти экан деб қулоқ тутамиз. Ўшандаги хабарлар кўнгилга таскин берарли эмас эди, кутганимиз почтачи бўлиб қолди.
Қосим жўнаб кетгандан кейин кўп ўтмай, Майсалбекдан хат келди. Биринчи хатида у ўқишдаги ўз тенгқурларим билан аскарга чақирилдим, ҳозирча шаҳарнинг ўзидамиз, сизлар билан юз кўришиб хайрлаша олмаганимга ачинаман, бундай бўлишини ким билибди, ғалаба билан қайтсак, тилагимиз шу, дебди. Иккинчи хатида: Новосибирск деган шаҳардаман, командирлик ўқишига юборилдим, деб суратини ҳам солиб юборибди. Суратингдан айланайин, аскарча форма кийиб тушган экан, бирам ярашиқли, сочини орқасига тараб, манглайлари кенг, қовоғини хиёл уйганча тикилиб турибди. Тушимда ҳам ўша суратдагидек кўринарди. Алиман Майсалбекни бир мартагина кўрган эди. Кўкламда, Қосим уйланганда, у икки кунга жавоб олиб келганди. Қайин инисининг суратини кўриб, Алиман: «Бизнинг муаллим йигитга ўхшаган сулув йигит бормикин, эна? Чимилдиқнинг ортидан яхши пайқамаган эканман, тикилавергани уялгандим. Энди омон-эсон қайтиб келиб ўзидек билимли, ўзидек сулув қиз олса, ярашиб тушарди-да, эна!»–дер эди.
Қиш киргунча шу зайлда болалардан кетма-кет хат келиб тургани учун юрагим анча-мунча таскин топиб турди! Кўп ўтмай, Қосимдан фронт томон жўнаб кетдик, деган хабар келди. Энди қандай бўлар экан, деган ўй-хаёл сира ёдимдан кўтарилмасди. Бу орада Сувонқулни ҳам қайта-қайта ҳарбий комиссариатга чақириб, комиссия қилиб қолди. Бир томонда эса бригадирлик ташвиши, сира тиним йўқ. Бу қанақа бўлди экан, демак, Сувонқулни ҳам олиб кетадиганга ўхшайди, энди қандай қилдик, деб юрсам, бир куни чиндан ҳам аскарга олишликка чақириқ келибди. Уни эшитиб, юрагим қинидан чиққудек бўлди. Хирмонда буғдойнинг қолдиғини тозалаётгандик. Паншаханинг сопидан ушлаб хаёл суриб турган эдим, Сувонқул чопиб келиб, отдан тушди-да, юр уйга, тайёргарлик кўрайлик, деди.
Мингашиб юрайин, десам, йўқ отни сен мингин, мен ёнингда юриб гаплашиб борайин, деди. Бундай пайтларда одам сўзлашишга сўз ҳам тополмай қолади шекилли, айтадиган гапнинг бари ичимизда қолиб, жимгина келавердик. Қора булутлар осмонни қоплаб, Сариқ Ёйиқ томондан турган муздек шамол қорни учқунлатиб, бўронга айлантиргудек бўлиб, гоҳ зўрайиб, гоҳ пасайиб турди. Атрофимга қарасам, жоним туташган деҳқон далам, сен ҳам яланғоч қолиб, кимсасиз, унсиз тумшайиб турган экансан.
– Ҳа, Тўлғаной, қиш босиб, танам музлаб, совуқдан қорайиб, менинг ҳам ёлғизсираган ғамгин куним эди.
– Сувонқул устма-уст гугурт чақиб папирос тутатарди. Бир вақт шамолдан қочиб, отнинг панасига ўтди-да, папиросини тутатар экан, менинг қўлимдан ушлаб: «Совқотдингми?»–деб сўради. У ўшанда бир нима демоқчи бўлди, балки, болаларимиз урушда, мана энди мен ҳам урушга кетяпман, қандай бўлади, қандай қўяди, кўришамизми, йўқми, шунча йил иссиқ-совуғимизга чидашиб, бирга яшадик – рози бўл, тақдир шу экан, қандай қиламиз омон-эсонликни тилайлик, демоқчи бўлдими, ким билади. Ҳайтовур, бошини кўтариб, мени ҳам аяб, ҳам суйиб, лабларини тишлаганча узоқ тикилиб қолди. Соқол-мўйловига эндигина оқ оралай бошлаганини ўшанда сездим. Ў, хосиятли далам, менинг бошимга тушган яхши ёмонликларнинг барига шоҳид бўлдинг-а...
– Ҳа, Тўлғаной, сенинг буткул умринг шундай ўтди.
– Сувонқул икковимизнинг ўша далада қўшилиб, йигирма икки йил меҳнатимиз билан, ҳалол пешона теримиз билан униб-ўсиб умр сурганимиз ўша замон кўз ўнгимга келди. Умр йўлдошимдан шу ҳолда ажраламан деб ўйлаганмидим. Кечагина ўроққа тушган биринчи тунда худди шу йўл билан мингашиб бораётганимизни эслаб, овулга кираверишда ёшларнинг янги кўчаси бошланган бўйича қолиб кетганлигини, Қосим билан Алиманнинг чорбоғида уюлиб ётган ғишт билан тошни кўриб, отнинг ёнига ташланиб, ўксиб-ўксиб йиғлаб юбордим. Сувонқулнинг зеҳни ғоят ўткир эди. Менинг нимани ўйлаб келаётганимни билиб олди. «Йиғласанг, ҳозир йиғлаб ол, Тўлған, бироқ бундан кейин одамлар олдида йиғлаб юрмагин,– деди у.– Сен, Тўлған, Алиман билан Жайноққагина бош бўлмай, менинг ўрнимда ҳам бригадир бўлиб қоласан, бу ишга овулда сендан бошқа лаёқатли ҳеч ким қолгани йўқ». «Шундай пайтда бўлмағур сўзингни қўй, Сувонқул, кераги йўқ, бригадирлигингни нима қиламан, мен кимга бригадирлик қиламан!»–деб йиғлайвердим. Шундай десам кечқурун чиндан ҳам колхознинг идорасига чақириб қолишди. Фронтдан қўли ярадор бўлиб келган янги раисимиз Усенбой, Сувонқул, яна иккита-учта оқсоқол кишиларимиз ўтиришибди. «Тўлғаной янга, нима бўлса ҳам белингизни маҳкам боғлаб, кўпчиликнинг топшириғини бўйнингизга оласиз. Аёл киши бўлсангиз ҳам, ер-сувнинг тилини, элнинг шароитини сиздан яхши биладиган одам йўқ. Сувонқулдек бригадиримизни, заҳар ютиб, аччиқ чайнаб, урушга юбориб турганимизда, унинг ишонган кишиси – сизга, биз ҳам ишонамнз. Замоннинг қандайлигини ўзингиз кўриб-билиб турибсиз. Эртадан бошлаб ишга киришинг, Тўлғаной янга»–деб қатъий гапирди Усенбой. Бошқа оқсоқоллар ҳам шундай деб маслаҳат беришди. Қисқаси – бригадир бўлишга кўндим. Кўнмай илож қанча. Шундай қилганим ҳам бир томондан маъқул бўлган экан – Сувонқулимнинг энг охирги илтимоси шу эмасмиди: кета-кетгунча кўпнинг ғамини еган бечорам-эй, туни билан, қўш ҳайдашга ҳозирдан тайёрлана бер, от-уловни ем-хашакка тўйғиз, омоч-бўйинтуруғингни тўғрилаб, таъмирлаб қўй, фалончининг бола-чақаларига қийин бўлди, бериги қўшнилар эса қари қартанг, кўз-қулоқ бўлиб юр, уни ундай қил, буни бундай қил, деб гапириб ўтирди. Ташқарида тонг отгунча тинмай шамол гувиллаб, қор ёғиб чиқди.
Сувонқулни ҳам катта йўлгача кузатиб қўйдик. Ўзи қатори бир талай кишилар билан аравага тушиб, кўпчиликка аралашиб кетди қолди. Ўшандаги совуқнинг шаштини-ей, юзларни ёриб юборай дерди-я...
– Ўша куни сен Сувонқулни кузатиб қайтиб келаётганингда, қайта-қайта орқангга қараб, қаттиқ йиғладинг, Тўлғаной.
– Ҳа, она-Ерим, ўша кундан бошлаб раисимиз Усенбой айтгандек, белни маҳкам боғлаб отга миниб бригадирлик ишига киришдим. Эндиги бригадирларнинг ҳам иши осон эмасу, лекин у кезларда тамомила турган-битгани азоб эди. Ишга яроқли эркаклардан ҳеч ким йўқ, ҳаммаси урушга кетган, қолганлари қиз-жувонлар, ёш болалар, қари кишилар. Топган-тутганимизни фронтга юбориб турдик. Аравачаларнинг ғилдираги йўқ, хомут-бўйинтуруқлар ишдан чиққан, устахонада кўмир ўрнига сой бўйидаги ўтинларни ёқиб, босқонни бир амаллаб ишлатиб турдик. Элнинг турмуши кундан-кунга оғирлашиб борарди. Шундай бўлса ҳам, колхозда ишни тўхтатмай, тебратиб туришнинг пайида бўлдик. Ҳозир ўйласам, бировга яхши, бировга ёмон гапириб, колхоз деб юриб, кўп ишлар бошдан ўтган экан, бироқ эл учун, унинг озиб-тўзса ҳам эл бўлиб тура берганлигига жонингни садақа қилсанг ҳам арзийди. Ўшандаги аёллар – ҳозир кампир, ёш болалар – беш-олтитанинг отаси, у кунларни унутиб ҳам юборишгандир, бироқ, мен уларни кўрган сайин, кўз олдимда ўлмас-ўчмасдек уларнинг ўшандаги ҳаёти гавдаланади, оч-яланғоч юриб колхозда ишлаганлари, орзу ҳаёли – борлиғи тошга тамға босгандек эсимда. Мен ўзим ҳам қандай аҳволда эдим, шундай бўлса ҳам, йиқилиб-сурилиб, бригадир бўлиб юрганимга ҳеч қачон ўксинмайман. Тонг – азонда колхознинг саройига етиб бориб ҳар бирини ишга чақириб, шу билан кечгача отдан тушмай эл ётгунча идорада кундалик мажлисда ўтириб, кўпчиликнинг иши билан алақсиб юрган эканман. Майли, баъзан жони ачиганидан баъзи бировлар гапимга қулоқ солмай, мени сўккан кунлари ҳам бўлди, бундай пайтда Алиман билан Жайноқ, ўз болаларим эмасми, уларга тиним бермай куну тун ишга ҳайдай бердим. Шундай қилганимга ҳам койинмайман, бўлмаса не бўлмағур ўй-хаёлларга берилиб кетардик. Бир уйдан қаторасига уч киши урушга кетиб ўтирса, ўйланмай бўладими.
– Рост, Тўлғаной. Сен ўшанда мен билан сўзлашишдан қочаётгандек, доим чопиб, аллақаерларда шошилиб, ҳаллослаб юрардинг.
– Шундай қилмасликка иложим бормиди, сирдошим она-Ер. Фронтга кетдим дегани бўйича бир ярим ой чамаси Қосимдан хабар келмай турди. Араваси билан станцияга қатнаб, Жайноқ саёғим уйда йўқ бўлса, Алиман иккимиз ҳарна бўлса ичимизда сақлаб, Қосим ҳақида гаплашишдан қўрққандек, кўзимиз бир-бирига тушганда, бошқа бир бўлар-бўлмас тирикчилик ҳақида гап очиб, ёш боладек бир биримиздан сўрашга ошиқамиз.
Қишнинг ўрталарида, аёзли кунларнинг бирида устахонада отларни тақалатиб юрардим, сизга шошилинч телеграмма келибди, деб, раис аллақандай қоғозни олиб чопиб келди. «Қўй, вой бу нима?»–деб юборибман. «Вой, Тўлған янга-ей, қўрқманг, ёмонликнинг бети қурсин, бу телеграмма Майсалбекдан экан, Новосибирскдан юборибди берироқ келинг!– деди Усенбой.– Ҳозир дарров станцияга жўнанг, ўғлингиз шу икки куннинг ичида ўзимизнинг станциядан ўтар экан, учрашиб қолай, дебди. Отларга ем-хашак солдириб, аравани тайинлатиб қўйдим. Тўлғаной, янга, кечикмай жўнанглар!»  – деб қолди. Суюнганимдан нима қиларимни билмай, ҳаллослаб, устахонада нари-бери югуриб, ундан шошиб уйга жўнадим. Ишнинг олди-кетини суриштирмай, айтганим фақат: «Майсалбегим кутиб олсин, дебди! Майсалбегим келсин, дебди! Сени кутиб олмаганда, кимни кутиб оламан, айланиб кетай, ўғлим, талпиниб учган қушдек яёв югуриб борарман!»–деб, ўзим билан ўзим сўзлашиб, қаҳратон аёзда ҳаллослаб, терлаб пишиб келавердим. А-а, ўшанда мен қурғур, ҳушим ўзимга келиб, Майсалбегим қай тарафдан ўтар экан, деб ўйламабман. Нари-бери куйманиб, Майсалбегим ўртоқлари билан уйнинг овқатидан тотиб кетсин, деб, бўғирсоқ, юпқа, гўшт пишириб, ўша куниёқ Алиман иккимиз аравага тушиб жўнаб қолдик. Аввал Жайноқ билан борсаммикин, деб ўйланиб турдим. Шундай десам, Жайноқнинг ўзи: «Қўй, она, Алиман борсин, мен уйда қолайин. Менга қараганда Алиманнинг бориши зарур»–деди. Жуда тўғри иш қилган экан кенжа болам. Иш бўлса ҳам, Жайноғим ҳар нарсага фаросати етадиган бола. Янгасининг қандай димиқиб, ғам чекиб юрганини сезиб юрган экан, Алиманни пичанда ишлаб юрган еридан ўзи чопиб бориб, чақириб келди. Кўпдан бери келинимнинг бундай хурсанд бўлганини кўрганим йўқ эди. Худди ёш боладек суюниб, мендан бешбаттар талпиниб: «Бўлинг, эна, кечикиб қолмайлик!»–деб ўпкасини босолмай қолибди. Йўлга чиққанда ҳам шундай эди: аравани тезлатиб ҳайдаб, гоҳи тизгин, гоҳи қамчини аравакаш боладан тортиб олиб, ўзи шошилиб ҳайдарди.
Йўл бўйи бир текисда заҳар сочиб, лайлакқор ёғиб турди. Ўша қор оппоқ бўлиб, Алиманнинг рўмолига, манглай сочига, ёқасига қўниб, унинг милтиллаган қоп-қора кўзларини, нур томиб турган қип-қизил юзини янада гўзал кўрсатиб, ҳуснига ҳусн қўшаётгандек эди. Бунинг устига, бора-боргунча бирпас жағи тингани йўқ келинимнинг. Биринчи бор тўйга бораётган боладек, у-бу ҳақда эркаланиб гапириб: «Муаллим бола поезддан тушганда, сиз индамай туринг, эна. Мени танирмикин?– дерди. Сўнг яна бир оз туриб:– Йўқ, эна, мен орқасидан бориб, муаллим боланинг кўзини юмиб олсам, нима қилар экан, ой, бу ким ўзи деб, чўчиб кетармикин?»–деб кулиб борарди. Оҳ, Алиманим-эй, оҳ, келиним-эй, сенчалик куёвини севган аёл бўлганмикин? Мени билмайди деб келаётиб, ўзгинанг охири сирингни очиб қўймадингми. Боягидек ҳазиллашиб келаётиб, бир вақт ғамли қиёфада ўзича гапириб юборди: «Муаллим бола Қосимга жуда ўхшайди-я?»–деди-ю, индамай қолди. Бир оздан сўнг хафақонлиги яна тарқади. «Ҳайда отларни, ҳайда тезроқ!»–деб шоширарди.
Шундай қилиб, станцияга кун ботарда етиб бордик. Станция жойлашган дара шамолнинг уяси экан, қор учқунлари изғиб юрибди. Майсалбек ҳозир келиб қоладигандек, аравадан тушган заҳоти, Алиман иккаламиз шиддат билан темир йўлнинг бўйига етиб бордик-да, у ёқ-бу ёқни қараб, нима қиларимизни билмай мустар бўлиб қолдик. Эрталабдан бери уриниб қизиган танимиз совий бошлади. Тарам-тарам темир йўллар орасидан у ёқ-бу ёққа пишқириб қатнаб юрган паровоз гоҳ музлаб ётган вагонларни тақир-туқур қўзғатиб қўяр, сим ёғочлар эса шамолда ҳуштак чалиб ётарди.
Бир-иккида поезд кутмаган одам қурсин. Қачон келади, қайси томондан келади – билолмай тураверибмиз. Кўп вақт ўтмай олисдан поезднинг қичқириб, шақиллаб келаётгани қулоққа чалинган эди: «Ана, келаяпти!» деди Алиман. Оёқ-қўлим титраб, юрагим ҳалқумимга тиқилди. Поезд тобора яқинлашиб келаверди, шошганимдан: «Ма, хуржунни сен ушлаб турчи!»–дедим. Буғ чиқариб паровоз бир оз ўтдида, вагонлар тўхтади. Вагонлар йўловчиларга лиқ тўла экан, хотин-болалар ҳам бор, кўпи солдатлар. Уларнинг ким эканини, қаерга бораётганини Худо билади, лекин Майсалбек кўринмайди. Поезд ёнига югуриб, эшиклардан бош чиқариб турган кишилардан: «Сувонқулов Майсалбек борми? Айтинглар-чи, айланайлар, Сувонқулов Майсалбек борми?»–десак, бир хиллар билмаймиз дейишса, бир хиллари индамайди, бир хиллари кулиб ҳам қўяди. Орадан ҳеч вақт ўтмай поезд ўрнидан қўзғалиб, юриб кетди. Бизнинг станцияда бор-йўғи уч минут тўхтар экан. Тарвузимиз қўлтиғимиздан тушгандек туриб қолдик. Поезд йўлга тушганда уни кузатиб турган ўрта ёшлардаги қора тўнли, чўлоқ темирйўлчи ўрис киши бизни кўриб, сизлар кимни кутиб турибсизлар, деб сўраб қолди. Унга узоқдан келганимизни тушунтириб, Майсалбекнинг юборган қоғозини кўрсатдик. Шунда у кўзойнагини тақиб, ўқиб чиқди-да, сизнинг ўғлингиз аскар эшелони билан келаётган экан. Унинг қайси эшелон экани, қайси вақтда ўтиши номаълум. Кечикмаса бугун-эрта етиб келиши керак. У, балки, ўтиб ҳам кетгандир, кунига қанча эшелонлар ўтади, гоҳида тўхтамай ҳам кетади, қайсиниси эканини ким билсин, дегандек даргумон гапирди. Бизнинг бўзариб кетган рангимизни кўриб, темирйўлчи ачинди шекилли: «Эҳ, уруш, уруш! Барчани қақшатдинг-ку,– деб бошини чайқади-да,– сизлар энди совуқда турмай, мана бу ёққа кириб ўтиринглар, поезд келар олдидан чиқиб кутиб оласизлар»–деди.
Станциянинг ёлғиз хонасида қуруқ ўриндиқда чўзилиб ётган ўнтача киши бор экан. Урушнинг дастлабки куниданоқ ҳар қайсиси ўз еридан бош олиб чиқиб, йўл азобини тортган йўловчилар бу ерда ўз уйидагидек жойлашиб, ухлагани ухлаб, гаплашгани гаплашиб, бир хиллари темир кружкаларда хўриллатиб чой ичиб, гитара чалиб, ичида хиргойи қилаяпти. Алиман икковимиз ҳам нариги четга бориб ўтирдик. Шишаси синган ёлғиз чироқ аранг липиллаб ёниб, хонани ғира-шира ёритиб турибди. Бир маҳал поезднинг яқинлаб келаётгани эшитилиб қолди, биз ташқарига отилиб чиқдик. Зулмат ичида жин ўйнагандек, шамол енгу этакдан тортқилаб, паровознинг иссиқ буғи бетга уриб, бир оз ўтди-да, юк ташийдиган поезд секин келиб тўхтади. Унда солдатлар кўринмаса ҳам, Алиман иккаламиз: «Майсалбек! Майсалбек борми?»–деб вагонлардан вагонларга югурдик. Ундан дарак йўқ. Хонага қайтиб келганимизда, одамларнинг бари уйқуга кетган эди. «Эна, чарчадингиз-а, ётиб дам олиб туринг-чи, мен ўзим хабардор бўлиб тураман»–деди Алиман. Келинимнинг елкасига бошимни қўйиб, қийшайдим. Бироқ, қани уйқу келса, ухлаб бўлармиди. Қулоғим, юрагим, ақлим билан поезднинг узоқдан келаётганини ернинг билинар-билинмас ларзасидан ҳам сезиб ётдим. Поезд қайси тарафдан келмасин, қулоғимизга чалинган заҳоти, етолмай қолмайлик, деб хуржунни кўтарганча югуриб, қаршисига чиқамиз. Қанча эшелонлар ўтди, лекин биронтасида ҳам Майсалбекни учратолмадик. Ярим кечага яқин ер ларзага келиб, эшикка югуриб чиққан эдик, даранинг нариги ёғидан ҳам, бериги ёғидан ҳам паровознинг қичқириғи эшитилиб, икки поезд икки ёқдан келаётган экан. Шундай кўз тикиб ўтирганимизга яраша қани кутганимиздек бўлиб чиқса, анланай! Шошганимиз шунчаликки, қайси томонга юришимизни билмай ҳаллослаб, икки йўлнинг ўртасига тушиб қолган эканмиз, қарама-қарши қичқириб келган поездлар, қулоқни битириб, келган бўйича тўхтамай тарақ-туруқлаб ўтганда, шамол уйилган қорларни вагонларнинг остига учириб кетгудек бўлиб ҳар томондан урилди. «Эна!»–деб бақирган Алиман мени қучоқлаганича фонуснинг тагида ушлаб турарди. Ўша шақ-шуқ қуюн ичида ярқ-юрқ этган вагонларнинг дераза-эшикларига тикилиб, Майсалбегим шунда ўтиб кетмадими, деган ўй буткул вужудимни титратиб, эсимдан оғдирарди. Ўшанда ғилдираклар остидаги қўш излар менинг зирқираган юрагимдек, зинг-зинг этиб турарди. Айтчи, яна, дунё таянчи Ер, қайси замонда, қайси она ўшандек ўз боласини бир кўришга зор бўлиб, кўзидан қонли ёш тўкиб, йиғиси тош ёриб, йўл пойлаган экан?
– Айтолмайман, Тўлғаной. Сенинг замонингдагидек уруш оламда бўлгани йўқ.
– Бўлмаса, ўшандек йўл пойлаган онанинг энг сўнггиси мен бўлайин! Илоҳим, менингдек темир йўл қучоқлаб, зор қақшаган банда бўлмасин!
– Тўлғаной, ўғлинг билан кўришолмай келганингни, сен бериги катта йўлга қайрила берганингда билган эдим. Ранггинг шунчалик ўзгариб, кўзларинг киртайиб, касалдан тургандек бўлиб қолгандинг.
– Шундан кўра бир ой эс-ҳушсиз тўшакда ётсам рози эдим. Тонг отгунча келиним икковимиз бир дам тиним билмай, темир йўлнинг бўйида у ёқдан-бу ёққа югуриб юрдик. Тонгга яқин бўрон босилди. Ўшанда кун ботар тарафдан вагонлари тилкаланиб куйиб кетган бир эшелон келди. Ёпирай, тилкаланган эшелон аста судралиб келганда, дара сукунатда эди. Оз-моз учқунлаб турган қорни ҳисобга олмаса, станцияда ғимирлаган жон, чурқ этган товуш йўқ эди. Бу судралган эшелонларнинг биронтасида ҳам одам йўқ экан. Даб-даласи чиққан вагонлар тиркалишиб, харобазор гумбазлар орасидагидек, унсиз ҳувиллаб ётган гўристон сукунати ҳукм сурар, бурқсиган тутун, куйган темир, ёнган қарағай ҳиди анқиб турарди. Куни кеча танишган қора тўнли чўлоқ ўрис киши фонусини кўтариб, ёнгинамизга келган эди, Алиман ундан: «Бу эшелонга ннма бўлган?»–деб астагина сўради. «Бомбалар пачақлаб кетган»–деди у ҳам секингина. «Энди бу вагонларни қаерга олиб кетишяпти?» – «Таъмирлашга»– деди темирйўлчи. Уларнинг сўзини тинглаб, бу эшелонда кимлар юриб, қаерда бомба остида қолган, ур-йиқит, бақириқ-чақириқнинг ичида кимлар оёқ-қўлидан ажраб, кимлар жон бериб, ҳаёт билан видолашди экан, урушнинг шамоли шу бўлса, ўзи-чи, ўзи қанақа мудҳиш нарса, деб хаёлимдан ўтказдим. Урушдан қайтган эшелон станцияда анча тургандан кейин, секин судралиб, яна аллақаёққа югуриб кетди. Юрагим ҳовлиқиб, бутун вужудим титраб кетди. Энди Майсалбегим ҳали пачақланган эшелон келган томонга, қон майдонига йўл олади-да.
Қосим нима бўлди экан? Сувонқул ҳам Рязань шаҳрига яқин ерда машқ қиляпмиз, деб ёзибди. У ер фронтдан унча узоқ эмасга ўхшайди...
Қуёш чиқиб, туш ҳам бўлди, умидимиз узилди. Майсалбек биз келгунгача ўтиб кетган эканда, бўлмаса станцияга келган ҳар бир эшелонни қўймай қараб чиқдик-ку. Энди нима қиламиз? Майсалбек билан юз кўришмай қолганимизми бу? Аравадаги отларга сақлаб қўйилган ем-хашак ҳам тугаб қоляпти, деб ҳар қайсисини бир ўйлаб, овулга қайтиб кетишга кўнглимиз бўлмай, Алиман икковимиз темирйўлчиларга ёрдамлашиб, темир йўлларнинг орасига уйилган қорларни тозалашдик. Шундай қилмасак, вақт ўтадигандек эмас. Совуқ кечагидан бўш келмай, ёмғир аралаш шамол бўлиб турди. Бир вақт ҳаво очилди, булутларни ёриб қуёш чиқди. «Оҳ, Худойим-эй, шу қуёшдек бўлиб ўғлим ярқ этиб кўзга кўриниб қолса-я!.. Худойим, ўзинг етказгин боламни!» – деб ёлворардим. Шу орада кун чиқар томондан паровознинг ҳайбатли овози эшитилиб, станиияга яқинлашаётган эшелон кўринди. «Эна, шу эмасмикин? Худо хоҳласа шу!»– деди Алиман, худди билгандек хуржунни елкасига солиб, ўшанда билиб тургандек, нима учундир бўзариб, юзидан қони қочди. Менинг ҳам нафасим қисилиб, юрагимга ваҳима тушди. Бир-бирига туташган икки паровоз яқинлаб, тутун, буғ, қора чўян, қизил темир ғилдирак гуркираб, шақиллаб ўтаверди, бирма-бир очиқ вагонларга юкланган замбарак, танклар ёнида милтиқли кишилар кўзга чалиниб турарди. Вагонларнинг эшигига тўрежаган солдатларнинг ўйин-кулгисидан уларнинг сўзларини англаб бўлмасди. Вагонлар кўз илғамай зинғиллаб ўта бошлади. Қўлига байроқча ушлаган қандайдир бир темирйўлчи югуриб келиб «Тўхтамайди, тўхтамайди!»–деб, қўлини силтаб, бизнинг кўкрагимиздан итариб темир йўлдан четлатаётган эди, шу маҳал ёнгинамиздан: «Она! Алиман!» деган қичқириқ эшитилди.
Майсалбек! У ҳам, айланиб, қоқиниб кетайин болам-эй, бир қўли билан вагоннинг тутқучини ушлаб, бўйнини орқага ташлаб, қулоқчинини силкиб, хайрлашиб бораётган экан. «Майсалбек!»–деб қичқирганимни биламан. Ўша кўзга ташланган пайтда, Майсалбекнинг қадди-қомати аниқ кўринди: шинелининг этакларини шамол тортқилаб, юзида, кўзида ўкинч ҳам, севинч ҳам, учрашув ҳам, хайрлашув ҳам бор! Қутуриб эсган шамол унинг овозини олиб қочди, Майсалбекнинг ўша туришидан кўз узмай, у узоқлашган сайин поезд билан бирга юриб, эшелоннинг энг охирги вагони ёнимдан ўтганда, орқасидан яна чопиб, юз тубан йиқилдим. Оҳ, ўшанда бўзлаб, қақшаб йиғлаганим-эй! Ўқ ёғиб турган майдонга кетиб бораётган ўғлимнинг ўрнига, темир йўлни қучоқлаб, видолашиб ётдим. Ғилдиракларнинг рельсга тақ-туқ урилиши ҳам тобора узоқлашиб борарди.
Ҳозир ҳам, гоҳида ўша эшелон қулоғимни тиндириб, бир-бирига туташган икки паровоз олиб учган вагонлар миямни қоқ ёриб ўтаётгандек бўлади.
Ўшанда орқамдан хўрсиниб йиғлаётган Алиман етиб келиб, унинг кетидан яна бир темирйўлчи ўрис аёл келиб ётган еримдан қучоқлаб тургизишиб, темир йўлдан четга олиб ўтишди. Алиман мени қўлтиқлаб келаётиб, ўшанда, қўлимга аскар қулоқчинини тутқазди: «Манг, эна, муаллим бола ташлаб кетди»–деди у. Майсалбегим менга ташлаб кетган экан.
– Тўғри айтасан, Тўлғаной, аравада келаётиб, қалпоқни кўксингга босиб келмаганмидинг.
– Ҳа, ўша қулоқчин ҳозир ҳам уйда илиғли турибди. Пешонасида қизил юлдузи бор, бўз матодан тикилган солдатча қулоқчин. Баъзан қўлимга олиб ҳидлайман, ундан ҳали ҳам ўғлимнинг иси келиб тургандек...

IV

– Тўлғаной, бояқиш Тўлғанойим, сумбул сочларингга кумуш қиров тушириб кетган ўша кунлар эмасмиди? Эссизгина ўрим-ўрим сочлар! Сен бу ерга келганда ҳар гал ҳам бошқача қиёфада келардинг. Дам-бадам юкинг оғирлашгандек, ҳамма қийинчиликларга бардош бериб, дардингни ичга ютиб жимгина келиб, жимгина кетсанг ҳам бошингга қандай қийин, оғир кунлар тушганидан тўла огоҳ эдим.
– Ҳа, она-Ерим, нима ҳам дер эдим. Ёлғиз менгина бўлсам эди – урушнинг касри тегмаган битта ҳам оила, биронта ҳам одам қолмаган эди-ку. Бошқаси у ёқда турсин, дунёнинг ўнг-териси билан иши бўлмаган эндигина тили чиққан муштдек болалар ҳам, оғзидан она сути кетмаган гўдаклар ҳам, бир ашула айтиб берчи, десанг, юрак бағрингни ёриб:

«Оқ кўйлагим этаги
Ҳилпир-ҳилпир этарми,
Аскарга кетган отамнинг,
Бир хабари келарми?» –

деб қақшаб турса, кимнинг ичи ачимайди, бостириб кирган душманга: «Ҳап сеними!»–деб ким ғазабланмайди. Мудҳиш хабар – қора хат келганда, аскарга кетган кишилардан ажралиб, ҳар куни овулнинг икки-уч еридан дилингни эзиб юборадиган йиғи-сиғи овозлари чиқиб турса, кишининг қони қайнаб, уруш ўтининг ёлқини юрак-бағрингни ўртаётганини ўшанда билар экансан! Худди ўша кезларда бригадирлик қилиб, элнинг аччиқ-чучугини бирга тотиб, кўпчиликни эплаб, бош-кўз бўлиб юрганимдан ҳозир ҳам фахрланаман, ҳозир ҳам уни завқ билан, миннатдорчилик билан эслайман. У бўлмаганда балки, мен аллақачон майишиб, аллақачон мудраб, аллақачон уруш тўполонлари ичида оёқ ости бўлиб кетар эдим. Қиличини яланғочлаб келган ёвга қарши зарба беришнинг ягона йўли курашда, меҳнатда эмасми. Мана, қадрдон далам, иш орасида чопа келиб, яна ун чиқармасдан от жиловини қайта буриб, индамасдан чопиб кетишимнинг боиси ҳам шунда. Қосимдан хат келгани эсингдами, меҳрибоним?
– Бўлмасамчи, Тўлғаной. Сен нариги ёқдаги кўчадан чиқаверишингда, баланд-пастликларга қарамай, отнинг бошини қўйиб чопиб келаётганингдаёқ билган эдим. Сен ўшанда адирга гўнг сочиб юрган келининг билан кичик ўғлинг олдига суюнчи олгани келган эдинг, Тўлғаной!
– Суюнчи олмай бўладими? Бирданига икки ой дом-даракснз кетган Қосимимдан соғ-саломатман деган хабар келса-ю, мен суюнмай, ким суюнсин! Москва ёнидагн кескин жангларга икки бор кириб, иккаласидан ҳам соғ-саломат чиқдим, немисларнииг шашти қайтиб тўхтаб қолди, бизнинг полкимиз ҳозир дам оляпти, деганди. Алиманнинг ўшандаги қувонгани-ей!.. Аравадан ирғиб тушиб, Жайноқдан олдин «Энажон, оғзингизга мой, қоқиниб кетай, энажон!»–деб, етиб келди-ю, хат ушлаган қўллари қалтираб, ҳеч нарса ўқий олмай: «Омон! Омон-эсон!»–деяверди. Ёнверида гўнг сочиб юрган жувонлар югуриб келишиб, «Қани, ўқичи, Алиман, куёвинг нима депти?»–дейишса, «Ҳозир, айланайлар, ҳозир!»– деди-ю, ўқий олмади. «Менга берчи, янга. Одамларга ўқиб берайин»– деб Жайноқ хатни олди-ю, баланд овоз билан ўқий бошлади. Ўшанда Алиман нима учундир ерга ўтириб қолиб, қизиган пешонасига чангаллаганича қор босди. Хат ўқилиб бўлгач, у бир оз ўйланиб турди-да, бетидаги эриган қорни ҳам суртиб олмай, шу бўнича йиғлашини ҳам, кулишини ҳам билмай, худди туш кўрган ёш боладек жилмайиб: «Юринглар, энди ишлайлик!»–деди. Сўнг ўзи атрофга бамайлихотир назар ташлаганича одимлаб кетди. Нималарни ўйлаганини ким билсин, менимча ёзда, шу далада Қосимга сув ташиб юрган кезларини эсладими? Балки, уни аскарга кетаётганда комбайн билан хайрлашгани кўз олдига келгандир. Тавба, келиним сир сақлаб юрса ҳам, бариси юзига чиқар эди. Ахир, шундай одамлар ҳам бўлади-ку. Шу дақиқа Алиманнинг кўзлари – ҳам севиниб, ҳам мунғайиб, аллақандай ажойиб, гўзал кўринишларни эслагандек кулимсираб, эркалаб катта йўлда ёмғирдек тўкилган саман йўрғанинг олислаб бораётган чангни кузатаётгандек мўлтиллаб ёш олиб, қисқаси, келиним ўй-хаёллар селига чўмгандек эди. Ҳазилкаш Жайноқ тушмагур унн қўярда-қўймай енгидан тортиб: «Эй янга, эс-ҳушингизни йўқотганга ўхшайсиз. Шунчалик ҳолингиз бор экан, нима қилардиниз хатга қўл чўзиб... Хатни ўқий олмай, элу юртга кулги бўлди, деб Қосим оғамга ёзиб юборай. Хотинингизни яна мактабга бермоқчимиз дейин!»–деди. Алиман уни ҳазиллашиб муштлаб, бир бировларини қувлашиб кетгандан кейин, мен ҳам беихтиёр кула бошладим. «Майли,- дедим ўшанда ўзимча ич-ичимдан фахрланиб.– Ёвни ёв босади! Қосимнинг жангга кириб кўп қатори немис билан олишиб чиққани рост экан. Менинг болаларимдек йигитлар элни қўриқламай, ким қўриқласин. Фақат омон бўлиб, душманни енгиб, зафар билан қайтиб келса бўлгани, бошқа ҳаммасига чидаш мумкин, майли, ит азобини тортсак ҳам, эртароқ енгсак бўлгани! Худойим, эртароқ енгсак экан!»–деб тилак тилардим. Бу фақат менинг истагим бўлмай, кўпнинг тилаги, улуғ тилак бўлгани учун ҳам, ҳаммасига кўнар экансан.
Уйда ёлғиз қолган кенжам, Жайноғим, ўн саккизга етар-етмас аскарга кетганда: «Майли, бошга тушганни кўз кўрар!»–деб ўзимни ўзим юпатдим. Қишнинг охирларига бориб Жайноқни ўз тенгқурлари қатори ҳарбий комиссариатга чақира бошлаганда, уларни шунчаки бир аскар сифатида машқ қилдириб юрса керак, деб ўйлардим. Уни аскарга олади деган хаёл ҳам кўнглимдан ўтмаган эди. Икки марта туманга бориб, ўн кун чамаси ўйнаб келди, кейинги боришда эса орадан бир кун ўтиб, эртасигаёқ Жайноқ уйга қайтиб келди. «Нима, сенга жавоб беришдими, тезда қайтиб келиб қолдинг?»– деб сўрасам: «Йўқ, она, эртага яна туманга қайтиб кетаман. Ҳарбий комиссариат бир кун уйда бўлишга рухсат берди»–деди. Мен бўлсам ўшанда ҳам пайқамабман. Узоқ сафарга отланаётгандек Жайноқ ўша куни жуда кўп ишларни битириб қўйди. Ишдан бирров қайтиб келсам, қўранинг ичини супуриб, олам-жаҳон ўтинни ёриб қўйибти. Молхонани тозалаб, томнинг устидаги пичанни қуритиб тўплаб, отаси от боғлаб юрадиган охурнинг бузилган жойларини чаплаётган экан. «Вой, уни нима қиласан, болам, ёзда шувалар»–десам: «Вақт борида битириб қўйган яхши, она. Кейин қўл тегмайди»–деди. Сўнг билсам, у бекорга уннаб юрмаган экан. Жайноғим ўз ихтиёри билан комсомол чақириғига жавобан урушга жўнаб кетди. Буни биз Жайноқ жўнаб кетгандан кейин билдик, станциядан аравакаш, овулдоши орқали хат юборибди. Алдаб кетгандек, вой бечора болам-ей, тўғрисини айтиб хайрлашиб кетсанг, йиғлаб-сиқтасам ҳам тушунар эдим-ку.
Алиман иккаламизга ёзган хатида, хайрлашмай кетганим учун мени кечиринглар, сизларни биратўла билишсин, дедим, аскарга ўз ихтиёрим билан кетишни лозим топдим деб ёзибди. Менинг бу аҳдимга рози бўлмайди, деб ўйладими, ё айтишга оғзи бормадими, қайдам. Билишимча, Жайноқ урушни севиб, қизиқиб кетгани йўқ, уни ёмон кўргани учун, элга келтирган зиён-заҳматини қалбдан ҳис қилгани учун қўлга қурол олиб, беллашгани кетди. Отаси, икки акаси элу-юрт деб жанг майдонида қон кечиб юрганда, бунинг жони улардан ҳам азизмиди, у ҳам ор-номусли йигит эмасми. Ҳа, Жайноқ худди шунинг учун, урушни ёмон кўргани учун кетганига кўзим етиб турибди. Ёлғиз Жайноқ фронтга боргани билан душманни қийратиб юбормайди, бироқ, бундай дейиш ҳам тўғри эмас; Жайноққа ўхшаганлар ўнлаб қўшилади, юзлаб, минглаб қўшилади, шундай қилиб куч тўрежаади! Шундай қилиб қўл пайдо бўлади, шундай қилиб тоғ ҳосил бўлади! Жайноғим, кенжам, қувончим, ҳазилкашим, хушчақчақ сухсур тойчоғим, болам! Сен нима учун айтмай кетганингни билмади дейсанми?
Сени болалик қилиб, урушнинг нима эканини, ўлимнинг нима эканини тушунмай кетаверди деб ўйлади, дейсанми? Сенинг хушчақчақлигингни кўриб, сенинг инсониятга бўлган тоғдек меҳр-муҳаббатингни ҳар ким ҳам тушунавермас эди. Ўша муҳаббатингдан хотин-халажнинг кўрган азобига тик қараб тура олмадинг. Одамнинг бу дунёда орттирган нарсаси яхшилик экан-да. Мана энди, урушда юриб, аллақаерда ном-нишонсиз қурбон бўлдинг. Қирқ тўртинчи йилнииг қайси бир қоронғи тунида партизанларга ёрдамлашиш учун самолётдан парашютда сакрабсану, парашют десантидаман, немисларнинг орқа томонига ўтиб уч бор жанг қилиб келдик, деб хабар қилганингча дом-дараксиз кетдинг. Душман билан олишиб, бирор ерда ўққа учрадингми, ё тўқайзорда адашиб кетдингми, ёки қўлга тушиб қолдингми. Ҳайтовур, омон бўлганингда бирор шарпанг сезиларди-ку, болам. Сен жуда эрта хазон бўлдинг. Жайноғим, кенжатойим, ёш кетиб элнинг эсида ҳам унча қолмагансан. Мен сени йўқлаганда, бизни аяб айтмай кетганингни доим эслайман, ўша кезларда станцияга арава билан қатнаб юрганингда, нотаниш бир ёш болага устингдаги тўнингни ечиб берганингни доим эслайман. Қиш тушиб қолган, аёзли тунларнинг бирида, аравасини ўртоқларига бериб, Жайноқ кўйлакчан кириб келди. Совуқдан кўкарган юзига қарасанг, ақлинг қочади, тиши тишига тегмай, тараша бўлиб қолибди. Шундай бўлса ҳам, сир бой бермайди. «Вой, бу нимаси, кийиминг қани, йўлда биров ечинтириб олдими?»–десам, бир болага бериб келдим, деди. Кейин ўртоқлари айтиб берди. Урушдан эвакуация бўлиб келган битта ўрис хотин тўртта ёш боласи билан бизнинг станцияга тушиб қолган ва ҳаммаси оч-яланғоч бўлиб, совуқдан титрашиб ўтиришган экан. Онаси болаларни эплаб-сеплаб рўмол-пўмолга ўраб қўйган бўлса керак, саккиз-тўққиз ёшлардаги дастёр ўғлига ҳеч нарса етмай, биргина жулдур камзулда тиришиб ўтирганмиш. Жайноқ ўша болага устидаги тўнини ечиб берибди. Тўнини кийгизиб қўйса, этаги товонига шалпираб, судралиб, енглари тиззасидан пастга тушиб турса ҳам, бир оз исиган бола, қайта жон киргандек, қайта тирилгандек кулимсираб, жилмайиб, ҳузур қилиб қолибди. Жайноқ ўшанга хурсанд бўлиб, йўл бўйи совуқда араваларнинг ортидан югуриб, навбатма-навбат ўртоқларининг кийимини олиб кийиб бораётган бўлса ҳам, ҳалиги болани дам-бадам эслаб: «Яхши иш бўлди, бечора бола исиб, ўзига келди-а?»–деб келаверибди. Тўғрисини, айтсам бир кишига тўн ечиб бериш билан элнинг ками-кўсти тўлиб, бутун бўлиб қолмайди. Бироқ, ҳалигидек бирга ўн қўшилиб, ўнга юз, минг қўшилиб, элчилик-юртчилик, одамгарчилик, жигарбандлик деган нарсалар шундан келиб чиқишига ишонаман. Одам яхшиликни ердан топиб олмайди, одамдан ўрганади. Жайноқ бериб кетган тўн йиртилар, бутунлай йўқ бўлиб кетар, айтишга арзимайдиган нарса, бироқ гап унда эмас, шу кичкина боланинг қалбида биров қилган яхшилик учқунлари сақланиб қолса, одам бўлгандан кейин бировга яхшилик қилиш бурч эканини ёшлигиданоқ тушуниб олса, Жайноғимнинг қилган савоб иши ўшанда...
Эҳ, энди нимасини айтайин, уруш касофати қанча-қанча одамларнинг ёстиғини қуритди, Жайноғим омон бўлганда қандай одам бўлар эди-я! У феъл-атворингдан, қилиқларингдан айланай, болам, қайдасан, қайдасан? Ўн гулингдан бир гулинг очилмасдан, қаерларга бориб ўққа учдинг экан? Оҳ, дунё, оҳ, жонажон Ер, боламнинг дийдорини бир маротаба бўлса ҳам кўрсам эди!..
– Тўлғаной, сабр қил, ўзингни босиб ол. Ундай қилма, ўзингга раҳм қил... Юрагингнинг ҳар бир тепишини ғанимат бил. Бўйнингдаги қарзингни унутдингми?
– Йўқ, сирдош далам, унутмайман. Унутмаганлигим учун ҳузурингга келиб турибманда. Шу қарз бўлмаганда ҳанузгача тирик юрган бўлармидим, чиқмаган жоним қилтиллаб, юрагим аллақачон ғалвир бўлган-ку. Эсингдами, она-Ер, ўша мудҳиш кунлар?
– Эсимда, Тўлғаной. Сени қўш ҳайдатиб юрган ерингдан чақириб кетишганларидаёқ билган эдим. Одамларнинг кўз қарашидан, киприк қоқишидан, пичирлашиб гаплашганидан сезганман.
– Ҳа, бойчечак очилган кўклам кунлари далага эндигина қўш чиқарган кезлар эмасмиди? Кун тегмаган камарларда қурт-қумурсқалар ҳали ҳам карахт ухлаб ётган бўлса ҳам, майин шабада эсиб, ер селгиб, кун сайин майсалар ниш уриб, баҳор яқинлашмоқда эди. Оҳ, баҳорни қўмсаб, доннинг сепилишини орзиқиб кутаётган деҳқон далам! Намиққан юзларинг кўкимтир ранг олиб, оламнинг чор атрофига ястаниб, аллақаерларингда кумуш ранг таратиб, тўшакда ётган жувондек балқиб турганингдан, бепоён далам!
Омоч тишлари эндигина ер бағрини тилиб, нам тупроқнииг илиқ тафти юракни қитиқлаётганда, трактор орқасидан бамайлихотир одимлаб борарканман, ерга: ҳосилдор, баракали бўл, урушда юрганларга қувват бўл, деб, Сувонқул билан Қосимдан кўпдан буён хат-хабар узилганини эслаб, ўзимча ўйланиб турсам, овулдаги қариялардан бири келиб қолди. «Э, оқсоқол, келиб қолибсиз, иш бошидан бир фотиҳа бериб юборинг!»–дедим. «Деҳқон – бобом, хирмон баракали бўлсин, ҳузурни эл кўрсин!– деб, от устида фотиҳа қилди-да:
– Тўлғаной, тумандан келган вакил, бригадир келсин, деб чақиряпти, юргин»–деди. Қўшниларга ишни тайинлаб, овулга йўл олдим. Уйимда ҳеч нима йўқ, тумандан кунига катталар келишади, айниқса ер ҳайдаш бошланганда янада кўпроқ келишган. Қария билан аста-секин уни-буни гапиришиб келар эканмиз, у киши гап орасида сўз қистириб: «Раҳмат сенга, Тўлғаной! Шундай мушкул кунларда элга бош бўлиб юрибсан, дадил бўлиб ишлайвер. Сенга ҳам осон эмас, одамнинг бошига нималар тушмайди, нималар ўтмайди, дегандек бундай оғир кунларда бир-биримизни қўллашимиз, мададкор бўлишимиз даркор, йўқ бир-биримизга мадормиз, элмиз. Эл билан кўтарган юк ерда қолмайди»–деб қўяди.
Овулга киравериб, кўча бўйлаб келаётганимизда уйимиз ёнида ғала-ғовур тўрежаиб турган халқни кўриб ҳам ҳеч нарсани сезмабман. Қария менга ялт этиб қаради-ю, чўчигандек: «Отдан туш, Тўлғаной»–деди. Мен ҳайратланиб қараб турган бўлсам керак, у киши отидан туша солиб, менинг қўлтиғимдан олди: «Туш, Тўлғаной, тушишинг керак!»–деб такрорлади. Тилим калимага келмай, бутун вужудим жунжикиб, отдан тушдим. Бир вақт қарасам, нариги ёқдан Алиманни эргаштириб, уч-тўрт аёл келаётган эди, Алиман ўша куни ариқ олишда ишлаётган эди. Унинг кўтариб келаётган кетмонини бир аёл елкасидан шартта олди. Шундагина ҳаммасини тушундим: «Бу нима қилганларинг, вой Худо, шўрим қурсин!»–деб кўчани тўлдириб бақирдим. Шу маҳал Ойша қўшнимнинг уйидан аёллар чиқа солиб, қўлларимни маҳкам ушлашди: «Бардам бўл, Тўлғаной... Сувонқул билан Қосимдан жудо бўлдик!»–деганда:
«Эна, энажоним-эй!»–деб чинқирган Алиманнинг товуши чиққач, турган одамларнинг ҳаммаси: «Жигарим-эй! Жигарим-эй»–деб ўкириб йиғлайверишди...
Оҳ, лаънати уруш, мақсадинг шумиди? Оҳ, қора кун кўргилик шумиди? Менгина эмас, кўча-кўй, уйлар, дов-дарахтлар чайқалиб эгилар, ер-кўкни бузган йиғи товушларидан қулоғим тиниб, гаранг одамдек ҳеч нарсани эшитмай, аллақандай бир мудҳиш жимлик ичида, гўё тушдагидек, гўё кишиларнинг юзини булут қоплаб олгандек кўзга чалиниб ё ўлик, ё тирик эканлигимни сезмай, орқамга қайрилган қўлларимни бўшатиб олишга ҳаракат қилардим. Ёнимда ким борлиги, эшик ёнида дод-вой солаётган одамлар кимлар экани билан ишим йўқ, менинг биргина аниқ кўриб турганим – Алиман. Юзини, кўйлагини юлиб, сочлари тўзғиган келиним ҳам нималарнидир зор қақшаб, чинқириб, икки ёқдан осилганларга, бўйин бермай, у ҳам мен томон талпинарди. Алиманга тезроқ ета қолсам деган хаёл билан мен ҳам унга интилавердим, бироқ худди қирқ кунлик олис йўлдан келаётгандек бир-биримизга етолмай, қўшилгунча анчагина вақт ўтди. Ўртага узоқ йўл тушгандек, бир вақт Алиман етиб келди. Битган қулоғим ўшандагина очилди. Икки қўлини ёзиб: «Бошимизга қоронғи кун тушди, эна, айрилдик, есирмиз, есирмиз! Ой-кунимиз сўнди, бирдек есирмиз!»–деб, Алиман фарёд чекиб, қучоғимга ўзини отди. Ҳа, ўша пайтда икки есир қўшилиб, бир-биримизга ёнган кўкрагимизни босиб, зор қақшаб йиғлардик...
Ажойиб азаматлар, тоғ нураса бўлмасмиди, кўл қуриса бўлмасмиди! Сувонқул билан Қосимим, ота-бола иккови ҳам қандай деҳқон эди-я! Дунёнинг таянчи шунга ўхшаш заҳматкашлар эмасми: элни тўйғазганлар ҳам ўшалар, ёв келганда қўлга қурол олиб, мамлакатни қўриқлаб, қон тўкканлар ҳам ўшалар. Агар уруш бўлмаганда, Сувонқул билан Қосимим қанча одамларга ризқ-рўз улашиб, мушкулини осон қилиб, экин экиб, қанча хирмон кўтариб, қанча ишни бажарган бўларди. Ўзлари ҳам эл меҳнатидан ҳузур-ҳаловат кўриб, одамнинг қанча роҳатига шерик бўлишар эди.
Ўйлаб қарасанг, қизиқ, айланайин, она-Ер, уруш бошланар экану, у урушда одамзоднинг энг асл, ҳунари бор азаматлари ўз ишини ташлаб, бирининг қонини бири тўкиб, бирини бири ўлдиришга сафарбар бўлишар экан. Мен бунга кўникмайман ва умрбод кўниколмайман. Табиат қўйнидаги энг олий мавжудотларнинг энг буюги – одамзод, дунёни ўзига бўйсундирган ким, одамзодми, шундай экан, бир-бирига бунчалик зиён келтирмай, тинч-тотув яшолмайдими? Сирдош далам, жавоб бер, айт жавобингни...
– Қийин савол бердинг-ку, Тўлғаной. Мен билганимдан буён, одам одам бўлиб яратилгандан буён урушгани урушган. Баъзан урушда мутлақо қирилиб ном-нишонсиз кетган эллар ҳам бўлган, кули кўкка совурилиб, тирик жон қолмай хонавайрон бўлган шаҳарлар ҳам бўлган. Неча асрлар одамзод изига зор бўлиб, бўм-бўш ётган вақтларим ҳам бўлган. Ҳар гал уруш чиққанда, гап уққанларга, урушманглар, қон тўккунча ақл ишлатинглар, деб айтаман. Ҳозир ҳам айтадиган сўзим шу: «Эй, одамлар, дунёнинг тўрт бурчида яшаётган одамлар, сизга нима керак – Ерми? Мана мен – Ерман, мен барча одам боласига етарлиман, менга талашишларингнинг кераги йўқ, менга иноқлик керак! Меҳнат керак! Шудгорга битта дон ташласаларинг, юз дона қилиб бераман, хипчин санчсаларинг, чинор қилиб бераман, боғ қилсаларинг, мева тугиб бераман, мол ёйсаларинг пичан бўлиб бераман, уй қурсаларинг, девор бўлиб бераман, уруғ-аймоқларинг кўпайса, ҳаммаларингга жой бўлиб бераман! Мен тугамайман, мен хасис эмасман, мен конман, мен ҳаммаларингизга баравар етаман!» – дейман.
Сен энди, Тўлғаной, одам боласи тинч яшай оладими, йўқми, дейсан. Ўзинг ўйлаб кўрчи, у мендан эмас, сизлардан, одам боласининг ўзидан, сизларнинг иноқликларингиздан, хоҳишларингиздан, ақли идрокларингиздан... Мени урушнинг заҳматини тортмайди дейсанми, Майдонда қурбон бўлган меҳнаткашларимнинг: сенинг Сувонқулингга, Қосимингга, Жайноғингга ўхшаган деҳқонларимнинг меҳнатини соғинаман, уларни йўқлайман. Ер вақтида ҳайдалмай, экин вақтида суғорилмай, хирмон вақтида кўтарилмай турганда, мен уларни: «Келинглар, полвонбилак деҳқонларим, келинглар, болаларим, тезроқ туриб келинглар, қувраб кетяпман!»–деб чақираман. Афсуски, кетмонини кўтариб, Сувонқул келса қани, афсуски, комбайнни ҳайдаб, Қосим буғдой ўримига кирса қани, афсуски, хирмонга қизил алвон тортиб, Жайноқ аравасини қувиб келса қани!..
– Сен ҳам мендек бағри қон экансан, ғамхўр далам, сен ҳам мендек соғинар экансан, сен ҳам мендек йўқлар экансан. Раҳмат сенга, жигарбандим Ер! Биласан-ку, яхши-ёмон кунда бирга бўлдик. Сувонқул билан Қосимнинг азасини тутиб, Алиман иккаламиз қора кийиниб, аза очиб, йиғимизни ҳам тугата олмадик. Эшитанимиздан сўнг етти кун ўтиб, еттисини ўтказганимиздан кейин, эл рухсат берди: бир йилгача аза тутсанг ҳам озлик қилади, илож қанча; охири бахайр бўлсин, Майсалбегинг билан Жайноғинг (унда Жайноқ тирик, хат узилмай, келиб турган пайти эди) омон-эсон қайтиб келишсин, ёз ёришли деганларидек, тирикчилик қилинглар, қўш ҳайдаш вақтида бирдек ишга киришинглар, ўлганлар учун душмандан ўч олганимиз шу бўлсин, дейишди. Келиним иккаламиз уйда ўтирганимиз билан нима ҳам қила олардик. Ўлганларнинг кетидан ўлиб кетмас экансан, кўпчиликнинг гапига кўндик, ишга чиқдик. Ишга чиқиш куни эрталаб раисимиз Усенбой аллақандай иккита қоғоз олиб келди, қора қоғозлар экан, сақлаб қўйинглар, деди. Билсак, Қосимнинг қора қоғози ярим ой бурун идорага келган экан, Москва остонасидаги ҳужумда, Ореховка деган қишлоқда қазо қилибди. Уни билдирамиз деб турганларида, Сувонқулдан ҳам қора хат келиб қолибди. У эса Елец шаҳрида катта ҳужумда қурбон бўлибди. Овулдошларимиз икки одамимизни бир вақтда билдирганларининг ҳам боиси шунда. Ундан кейингисининг нимасини айтай. Бригадир эканман, белимни маҳкам боғлаб, яна отланиб чиқдим.
– Тўлғаной, сен келганда иккаламиз кўпни кўрган оналар каби ўтдек тутақиб, жимгина кўришдик, а?
– Ҳа, шундай қилмасак бўлармиди. Мен йиғи-сиғи қилаверсам, келиним ундан баттар ҳаётдан безиб кетмасмиди? Билиб турдинг-ку, куёвига шунчалик куйган жувонни умримда кўрган эмасман. Мен – ҳам эримдан, ҳам ўғлимдан жудо бўлиб, ундан оз куймаган эдим. Шундай бўлса ҳам менинг йўл-йўриғим бошқа. Озми кўпми, Сувонқул иккаламиз анча йил бирга умр кечириб, турмушнинг аччиқ чучугини бирга тотиб қолдик, бола-чақали бўлдик, муродимизга етдик. Урушнинг хархашаси бўлмаганда, бирга қариб, буюрганини яна бирга кўрардик. Алиман билан Қосим бўлса эндигина қўшилиб, ёшликнинг энг ширин пайтида, севгининг энг қайноқ кезида, болта билан қия чопилгандек иккиси икки томонга қулаб йиқилмадими. Ўғлим-ку, ўлди, бироқ Алиманнинг тирик юришини демаса, тушунган кишига у ҳам ўлган билан баробар эмасмиди. Албатта, Алиман ёш эди; кейинчалик бора-бора, балки, яна ўз тенгини топармиди... Алиманга ўхшаш бева қолган кўпгина келинлар урушдан кейин турмушга чиқиб кетишди. Кўпчилиги бахти очилиб, ҳозирги кунда бола-чақали она бўлиб қолишган. Ўшалар тўғри қилади. Бироқ, ҳамма бирдек эмас эканда, баъзи бировлар бурунгисини тез унутиб, жон-жароҳати битгач, тезда янги йўлга тушиб олишади. Алиманнинг эса, шўри қуриб, ундай бўлмади. У бошига тушган бахтсизликка кўника олмади, бурунгисини унута олмади. Бунда менинг ҳам катта айбим бор. Ҳа, шунга қолганда бўшлик қилдим. Бўшлик ҳам деб бўлмайди, келинимни аяб юриб, унинг ички сирига аралаша олмай қўйганим, нима десам экан, бўшликми, ё ундан ҳам ёмон гуноҳми?
Эсингдами, она-Ер, ўша баҳорда шу ерда бўлган иш?
– Ўша чоқда келининг менинг бетимга чопганини айтяпсанми?
– Ҳа, ўшани айтаман. Ўша баҳорда баҳри дилингни яшнатиб қийғос очилган қизғалдоқ кўпдан буён яйдоқ қолган далангда то катта йўлга қадар тўшалиб ётмовдими. Гулнинг чиройлиси қизғалдоқ эмасми, айланай!
Ўша кезларда бригадамиз аъзолари бош ариқни ковлашаётган эди. Мен ҳам шу ерда қўшнилар ёнига бориб, кейин кетмон чопаётганлар ёнига келиб, от устида юрардим. Одамлар кун ботмасданоқ ариқни чопиб бўлиб, овулга эрта тарқалишди. Алиманга, сен қиз-жувонлар билан уйга кетавер, орқангдан етиб бораман, дедиму, бериги томонга, қўшчиларнинг олачиғига бурилдим. Бир оздан кейин отланайин деб оёғимни узангига солаётганимда, Алиманни кўриб қолдим. У уйга кетмасдан шу ерда ёлғиз қолибди. Гул териб юрган экан. Гулни яхши кўрмасмиди. Ана, шўрлик Алиман, гул суйган, гулдек бўлган келиним! Қўлидаги ўнтача қизғалдоқни эркаланиб силар, юзига босиб, қандайдир бир чуқур ўйга чўмгандек турарди. Уни шу ҳолатда кўриб, чаккамга иссиқ тер югурди. Шунда унинг бир вақтлар ўроқ ўриб юриб, гулхайри терганлиги эсимга тушди. Шунда у бошига қизил дурра ўраб, қўлига оппоқ гулхайри ушлаб олганди, ҳозир бўлса бошида қора рўмол, қўлида қизил гул, фарқи шундагина. Алиман ўшанда хаёлга чўмган бошини юқори кўтардида, анчагача теварак-атрофга назар ташлаб турди, сўнг осмонга тикилиб, бирданига, бунинг энди кимга қанчалик кераги бор, дегандек, кечиргин, она-Ерим, сенинг бетингга ургандек, аччиғи билан қўлидаги гулни улоқтирди-ю, ўзи эса юз тубан йиқилиб ётиб қолди. Майли, йиғлаб олсин, деб мен олачиқнинг орқасидан паналаб турдим. Шу маҳал Алиман ўрнидан яна ирғиб турди-да, боши оққан томон, катта йўлни кўзлаб отилганича жўнади. Эсим чиқиб, отга мина солиб орқасидан тушдим. Қани энди ета олсам. Олдимда қора рўмолини ҳилпиратиб, қизил гуллар устидан қочиб бораётган келинимни кўрар эканман, саросимага тушуб: «Алиман! Алиман! Бу нима қилганинг, вой ўлай! Тўхта! Тўхтагин!»–деяверибман. Ўша сафар йўрға саманнинг орқасидан югургандек, Алиман катта йўлга етиб бориб, яна қайтиб, мен томонга юзланди. «Эна! Энажон! Менга ҳеч нима деманг! Индаманг! Қўйинг!»–деб қўлини ёзиб югуриб келди-да, отнинг ёлини чангаллаб бошини менинг тиззамга қўйди-да, хўнграб йиғлади. Мен индамадим, нима ҳам дер эдим, йиғиси босилгунча қараб турдим.
Бир вақт бошини кўтариб, Алиман менга қаради. Оҳ, ўшандаги аҳволини-ей, юзидан иссиқ ёш оқиб, кўзлари шишиб кетган. «Қаранг, эна,– деди у хўрсиниб.– Қуёш шундай ярқираб турса, дала шундай гуллаб турса, мусаффо осмон шундай кулиб турса, Қосим келмайди-а? Энди ҳеч қачон келмайди-а?»
«Йўқ, келмайди»–дедим мен. Алиман чуқур хўрсиниб олди-да: «Кечиринг, эна,– деди.– Қосимнинг орқасидан югуриб бориб, бирга ўлай дегандим». Шунда мен ҳам йиғлаб юбордим. Агар мен одам бўлсам, узоқни кўра оладиган опа бўлсам, ўшандаёқ унинг бетига қарамай туриб: «Бу сенинг нима қилганинг, ёш бола бўлиб қолдингми, бундан кейин яшашни истамайсанми? Сенга ўхшаган қанча келинлар бева бўлиб қолди. Сабр қил, аста секин Қосимни унут, сендек жувон ерда қолармиди. Ўз тенгингни яна топарсан. Бахтинг очилар. Қўй, бундай қилма, ёмон бўлади. Ҳаётдан безсанг, ўзингнинг шўринг. Бардам бўл!»– демайманми, шундай қилиб уни йўлга солмайманми-а? Аммо мен шундай деб айта олмаган эдим, ҳақиқат бўлса ҳам совуқ гап ёмон экан. Кейин ҳам неча марта шу сўзни кези келганда, тилимнинг учида турса ҳам, тортиниб айта олмадим. Бунга турли сабаблар бўлди, мендангина эмас, Алиманнинг ўзидан ҳам ўтди. Қисқаси, сўзнинг ҳам темирдек қизиқ пайти бўлар экан, вақт ўтгач, бора-бора совуб, бора-бора оғирлашиб, бора-бора айтишга қийинлашиб, эски дард зўрайиб кетар экан.
Бу гапни мен мана ҳозир, замон тинчланиб, орадан қанча вақтлар ўтгандан сўнг айтяпман. Ўша тўполонли ишларда, колхознинг битмас-туганмас ишлари билан ўралашиб, бу ишни бафуржа ўтириб, ўйлашга вақт ҳам, фурсат ҳам бўлмаганди. Бизнинг барча ҳаракатимиз, умидимиз, тилагимиз, кутганимиз  эртароқ ғалабага эришсак, уруш тугаса. Ундан кейинги ишнинг ҳаммаси ўзича ҳал бўладигандек осон кўринарди. Лекин ҳозир ҳам урушнинг аччиқ изтироби битди деб айта олмаймиз... Ҳа, она-Ер, битмагани учун шу зайлда ҳаммасини қайтадан эслаб, барчасини қайтадан қон ютган юраклардан ўтказиб, сўзлашиб ўтирибмизда.
– Гапиравер, Тўлғаной, гапиравер. Бугун сўз сенга. Ҳикоянгни давом эттиравер.
– Гапирмасдан илож қанча: ҳаёт ўзи шунга мажбур этади. Урушнинг учинчи, тўртинчи йиллари давом этиб, киши қалбини дам куюнтириб, дам суюнтириб, душман тобора чекиниб бораётган бўлса ҳам, ҳеч бир чеки йўқдек, куч-қувватдан толган элни баттарроқ қаддинн букиб, тинкасини қуритарди. Эл-юрт кузда, йиғим терим пайтида машоқ териб, бир амаллаб кун ўтказган бўлса, қиш ўрталарига бориб топган-тутгани ҳам охирлаб қолган эди. Кўкламга келиб тоғдан қазиб олинган ўт-ўланларнинг илдизларини ейиш билангина кун кечирганлар ҳам бўлди. Алиман иккаламиз оч-тўқ бўлсак ҳам, сабр-тоқат қилиб, колхознинг ишида кун ўтказиб юрдик. Болали-чақали кишиларнинг куни жуда қийин бўлди. Оппоқ бўлиб шишиб кетган болаларни кўрганимда жоним ачиб, ўзимни айбдор кишидек ҳис этиб, уларнинг «нон» деб термилган кўзларига боқолмай юрдим. Қўлимдан келса боримни аямай, ҳатто Сувонқул, Қосимларнинг орқасидан бориб, сен ҳам фронтда жонингни фидо қил, шунда бу болаларнинг ҳам қорни тўяди, дейишса ҳеч ҳам иккиланмасдан фидо этардим.
Бир куни мен шу гапларни Алиманга айтдим. Шундай десам у жуда ўйланиб қолди. «Рост айтасиз, эна,–деди у,– катта кишиларку нега оч қолишганини тушунишадику-я, аммо болалар бунинг фарқига етармиди. Уларнинг дунёнинг ҳеч қандай борди-келдиси билан иши йўқ. Уларга биздан ҳам қийин. Уларни қандай бўлса ҳам, эплаб, уруш тугаб, оталари, оғалари қайтиб келгунча бир амаллаб оч қўймаслигимиз керак. Бу иккаламизнинг ҳам бурчимиз, эна. Қўлдан келганча халққа ёрдамлашиб турайлик, фойдамиз тегсин. Инсоннинг қадр-қиммати ҳам шунда-да».
Бироқ бунинг уддасидан чиқиш қийин эди. Экин экиб, нон топган деҳқонларнинг нонсиз қолиши оғир ҳолат эди. Бундай пайтларда меники-сеники деган гаплар бўлмайди. Ҳамма нарса урушга – ҳаёт ҳам, эрк ҳам, меҳнат ҳам, ёш болаларнинг оғзидаги овқат ҳам – ҳамма-ҳаммаси сўнгги бурда нонгача қонсираган урушга! Ундан ҳеч ким ҳеч қаёққа қочиб қутулолмайди. Қочиб кўрганлар бўлди, яширишнинг нима ҳожати бор, ўша қочоқлар охири айланиб келиб, халққа зарари тегар, унинг душмани, қароқчиси бўлиб чиқар эди. Бошқа нима ҳам қиларди.
Эсингдами, она-Ер, ўша қишки тун?
– Ҳа, ҳалиги адашиб кетганингни айтяпсанми?
– Ўшани айтяпман. Қирқ учинчи йил қишининг ўрталари эдими, ёки кўкламнинг бошлари эдими, ҳайтовур, қор эримай, совуқ бўлиб турган эди. Туннинг қайси маҳали эди, эсимда йўқ, эл текис ухлаб ётганда аллаким деразани синдиргудек уриб: «Тўлғаной! Бригадир! Тур тезроқ! Уйғон!»–деб қичқирди. Ҳушимиз кетиб, Алиман иккимиз сакраб турдик. «Эна! Эна!»– деди Алиман қандайдир бир қувончли ҳодисани сезгандек товуш билан. Алдоқчи саробдек доим хаёлдан кетмас умид шу маҳалда менинг қалбимга ҳам бир учқун ташласа-я: аскарга кетганлардан бири келиб қолдими, деган ўй хаёлимга келса бўладими. «Сен кимсан? Сен кимсан?» – деразага югурдим. «Эшикка чиқ, Тўлғаной! Бўл эртароқ! Саройдан от ўғирланди!»–деди келган киши. Алиман чироқни ёққунча этигимни кия солиб кўчага чопиб чиқдим. От саройига раислар ҳам етиб келган экан. Саман йўрға билан бирга – уни биз колхозга топшириб юборган эдик,– аравага қўшадиган яна иккита от йўқ. Бригадамизнинг кўкламги ер ҳайдашга мўлжалланган ажойиб отлари эди.
Отбоқар отларга тунги ем-хашагини солайин деб пичанхонага кетганда ўғирлаб кетишибди. Келса, сарой қоронғи, чироқ ўчган, шамол ўчирган бўлса керак, деб шошмай ёқиб қараса, бериги четда уч отнинг ўрни бўш. У пайтларда учта ишчи отни йўқотиш колхоз учун ҳозирги пайтда ўнта тракторни йўқотгандек гап эди. Қолаверса, бу ҳодиса фронтдаги солдатларнинг ҳар биридан бир бурдадан нонни тортиб олган билан баробар.
Ҳаммамиз отланиб, баъзи бировлар ўқланган милтиқ олиб, отларни излашга тушганимизда, ўғрилар йўлиқса соғ қўймас эдик. Худо ҳаққи, соғ қўймас эдик! Бироқ етолмадик, узаб кетишган бўлса керак, қаёққа кетганини ким билсин.
Овулдан чиқиб, икки-уч тўпга бўлиниб турли томонга қараб қидиришиб кетдик. Ўшанда адашиб қолмадимми. Минганим колхознинг зотдор айғири эди, жонивор, қамчи теккизмай, олиб учиб, катта йўлдан ўтиб, тоғ тарафга йўл олганимни биламан, орқамдан келаётганлар ҳам бор эди, бошқа томонга уриб кетишганми, улардан узаб кетганимни анчадан кейин сездим. Қароқчиларнипг қораси қаердан кўринаркин, деб тизгинни бўш қўйиб, кенг далалар билан учиб бораётгандим, бир маҳал от таққа тўхтаганда, бошимни кўтариб қарасам, олдимда катта жарлик. Тоғ этагига келиб қолибмаи. Қорайиб кўринган қир ортидан тўлин ой балқиб, юлдузлар чақнаб, осмон чарақлаб турган экан.  Изғирин яхлаб қолган қорларни ялаб, қуриб қолган оққурайларнинг қаддини букиб, ҳуштак чалиб, нураган чолдеворлар ичида укки, бойўғлилар гук-гуклашиб ётганди.
Бу тунда оламнинг қаерларида қанча яхши, қанча ёмон ишлар бўлиб тургандир. Тарихнинг катта кичик воқеалари содир бўлаётгандир, худди шундай бизнинг овулимизда ҳам мудҳиш тун бўлди. Отларни ким ўғирлади, қандай одамларикин? Шундай пайтда элнинг увол-савобидан қўрқмаган кимлар бўлди экан? Ўғрилар жарликдаги тўқайзорда бекиниб ётишган бўлмасин, деб сойга тушиб қарадим, ҳеч нарса кўринмасди, бир тулки «лип» этиб тўқайзор ичидан чиқа қочдида, ой нурида кўкимтир товланиб, жарлик бўйлаб кумуш қуйруғини судраб ғизиллаб кета бошлади.
Овулга қайтдим. Жарлик бўйлаб келаётиб эсимга тушди: Жекшенқул деган кимса аскардан қочиб келган эмиш, ёнида иккита ўртоғи ҳам бор. Сариқ Ёйиқдаги қозоқлардан эмиш, деган миш-миш гапларга унча ишонмаган эдим. Одамлар урушда ўт ичида жон олиб, жон бериб ётса, қандай қилиб булар бунда якка бошини олиб қочиб, бекиниб юрсин? Бу нима деган юзи қоралик: «Сен ўлсанг ўлавер, мен қолсам бўлгани, деганими? Шу ҳам инсонликми?»–деб ўйлаб келардим. Овулда ҳар кимнинг феъли аниқ маълум эмасми. Унда бундай пасткашликка борадиган ҳеч ким йўқ эди. Қолаверса, уч йилқини бирдан қандай ҳазм қила оларкин?
Ўғри четдан келган. Боягидек четлаб, ўзини олиб қочиб юрган, тоғ-тошни оралаб юрганларгина бу ишнинг уддасидан чиқиши мумкин, деган фикрга келдим. Жекшенқулларнинг аскардан қочиб юргани чин бўлса, ҳойнаҳой, ўшаларнинг ишидир бу, деган гумонга бордим. Бундай десам, ўғрини кўз билан кўриб, қўл билан ушлаб олган ерим йўқ. Бироқ Жекшенқуллар билан ҳам юзлашишга тўғри келиб қолди. Бу иш кўкламда содир бўлган эди.
Тўғрисини айтсам, колхознинг кундалик ташвишлари билан юриб, бу воқеа ёддан ҳам кўтарилай деб қолган экан. Уч от – икки тишли омочни ўғирлаш билан баробар деган гап, лекин иложи қанча, ғунон-сунонларни эплаб, бригаданинг омочларини бир амаллаб ўрнини тўлдирдик. Шу билан қўш ҳайдаш ҳам бошланиб кетди. Ўғри эмас, Худони ҳам унутиб юборадиган вақт бошланди. Ҳаётимдаги энг машаққатли кўклам ўшанда бўлган эди. Эл нима қилсин, эл ишласак дейди, лекин очликдан силласи қуриб, кетмон кўтара олмайдиганлар ҳам бўлди. Илгаригидек куч-қувват йўқ, бир кунлик иш ҳафтага чўзилиб кетарди. Бунинг устига, колхозда уруғлик ҳам етишмасди. Хампанинг  бор-йўғини сидириб, ҳар бир донни битталаб териб олиб бригада режаини базўр бажардик.
Ўша кунларда халқнинг аҳволини кўриб жуда ачиндим. Меҳнат кунига ҳеч нарса олмаса, ейишга нони бўлмаса, нима, элни қирамизми. Эндиги кўкламда бундан беш баттар очарчиликка дучор бўламизку. Йўқ, бу ҳолда яшаш мумкин эмас, қандай қилиб бўлса ҳам бир йўлини топиш керак, деб юриб, ҳов юқоридаги бекор ётган ерлар бор эди-ку, ўшани ҳайдатиб, уруғ септирмоқчи бўлдим. Раисга маслаҳат солдим, райкомгача бордим, тушунтирдим: буни биз режадан ташқари ўз кучимиз билан элнинг меҳнат ҳақига мўлжаллаб экамиз, дедим. Столга бағрини бериб ўтирган кимдир биров: «Йўқ, бундай қилиш мумкин эмас. Агар биз бунга йўл қўйсак, колхоз қонунини бузган бўламиз!»–деди. «Қонунинг қора ерга кирсин! - дедим мен.– Биз оч юрсак сизларга ким нон топиб беради?» – десам: «Оғзингга қараб гапир, ўлгинг келяптими?»–дейди. «Оғзимга қараб гапиряпман. Биз ишга ярамай қолсак, фронтдаги солдатларга ким нон топиб беради? Буни ўйламайсанларми?..»
Хуллас, охири рози бўлишди. Бироқ гап бошқа ёқда эди – сепишга уруғ йўқ эди. Колхознинг ҳаммасида дон дегандан умуман қолмаган-ку, уни қаердан оламан. Бошим қотиб, охири элни йиғиб маслаҳат солдим, ҳамма гапни, бор мақсадимни айтдим: «Қани халойиқ, маслаҳатли тўй бузилмас, деганлар. Нима қиламиз, келгуси кўкламда ҳам шундай гезариб ўтирамизми, ё бир ҳаракатимизнн қиламизми? Мана бу экилганлардан умид қилмайлик, яширишнинг нима кераги бор, унинг уруғлигидан бошқа ҳаммаси фронтники, урушда юрган аскарларнинг ризқи. Агар уруғлик топсак, режадан ташқари ер ҳайдаб экин экиш ниятимиз бор. Унинг ҳосилини меҳнат ҳақига, қари-қартанг, етим-есирларга бўлиб берамиз. Менга ишонсаларинг ҳамма миннатни, жавобгарликни ўз бўйнимга оламан. Гапнинг пўсткалласи шуки, еб ўтирган тишларингда сақлаб турган дон дунларингни беринглар. Ерга сепайлик. Майли, ҳозир емасак емайлик, сабр қилайлик, сут-қатиқ ичиб бўлсада, бир амаллаб пишиқчиликка етиб олармиз. Ўзларинг учун, бола-чақаларинг учун мардлик кўрсатинглар, айланайлар, йўқ деманглар, чайнаб турганларинг бўлса ҳам беринглар, вақт ўтмасдан уруғни сепиб олайлик».
Одамлар йиғилишда хўп дейишгани билан иш бошланганда қийин бўлди. Айниқса, кўп болали оналар худди ўлмай туриб қўлидан ҳеч нарса бермайдигандек, хуллас, улар урушни ҳам, ҳаётни ҳам, колхозни ҳам қарғаб, яшириб ўтирган буғдойи борми, арпаси борми, болаларининг ризқини қийиб бўлсада, беришди. Аравани кечгача уйма-уй қатнатиб, бировга яхши, бировга ёмон гапириб, ҳатто айтишиб ҳам қолдик, олди бир пуд буғдой, кети килодан сули берса ҳам унганини, барини қўймай йиғиб юрдик. Майли, бир қисм дон шу ҳам фойда, кузда ўша бир сиқим дондан бир пуд ҳосил олсак ҳозиргининг ўрнини қопламайдими, деган ўйдаман. Шундай бўлмаса бу ишга қўл урмасдим.
Қандай бўлса ҳам ўшанда нима учун мунчалик қаттиқ қўллик қилдим экан-а? Ўнгга қараб кулиб, чапга қараб йиғлаб ҳеч кимни ҳам аяганим йўқ. Бир хилларини қўлидан тортиб олгандек бўлдим. Бечора қўшним Ойшанинг ўшандаги ҳолатини сира унутмайман. Куёвидан эрта айрилиб (Ёмонбой урушдан бурун қазо қилганди), ғам чекиб юриб, Ойша касалманд бўлиб қолган эди. Сал тузалганда колхозда меҳнат қилиб, томорқада ишлаб ёлғизи Бектошни аранг боқиб катта қилди. Ўзи ҳам сўнгги кунларда ишга яраб, оиласини тебратиб қолган эди. Ўша кунларда Бектошга уруғ йиққан аравани ҳайдатиб қўйган эдим. Уларнинг уйининг тўғрисига келганда: «Бектош, уйларингда ҳеч нарса борми?»– дедим. «Озгина бор,– деди бола.– Печканинг орқасида, тўрвачада». «Бўлмаса олиб чиқ»–десам: «Йўқ, Тўлған опа, ўзингиз бориб олинг» – деди.
Икки-уч кундан бери оғриғи зўрайиб, Ойша уйда ётган экан, дарднинг зўридан ранглари синиқиб кетибди. «Эл қатори берадиганингни бергин, Ойша» – деган эдим: «Бори-будимиз шу»–деб тўрвачани кўрсатди. «Шуни бўлса ҳам бергин. Уруғлиққа ер тайёр, сепмоқчимиз»–десам, Ойшанинг қовоғи уйилиб, индамай қолди. Лаънати йўқчилиг-эй, одамни қандай хор қилади-а! «Ойша, бу билан кўп бўлса ўн кун тирикчилик қиларсан, лекин ҳали қаҳратон қиш турибди, келажакни ҳам ўйлаш керак, болангнинг аҳволини қара, кўчада араваси билан кутиб турибди» – дедим. Ойша ерга тикилиб туриб ялиниб-ёлворди: «Бор бўлса аяйди дейсанми, Тўлғаной. Ўзинг кўриб турибсанку, мен бундай яримжон бўлсам, охиратли қўшнимсан-ку...» Кўнгилчанлигим тутиб бўшашиб кетдим, бироқ шу заҳотиёқ кўнгилчанликни йиғиштириб қўйдим: «Мен ҳозир қўшнинг эмасман!– деб қаттиқ гапирдим.– Мен бригадирман, кўпчилик учун шу донингни олиб кетаман!»–дедимда, ўрнимдан туриб, тўрвачани қўлимга олдим. Ойша индамай тескари қаради... Олти-етти кило буғдой экан. Тўрваси билан олиб кетаверайин дедиму, яна кўнглим бўлмай, ярмини катта товоққа тўкдим. «Менга қара, Ойша, ярмини олдим, хафа бўлмагин»–дедим. Ойша мен томон қараганда, кўзидан оққан ёшлар бетига сизилиб тушаётган экан. Ўшанда ташлаб кетаверсам бўлмасмиди. Бундай бўлишини ким билибди, тўрвачани ушлаган бўйимча уйдан чопиб чиқдим. Одамни бундай қийнагандан кўра, э, қурисин бу дунёси! Нега, нега шундай қилдим экан? Ҳозир ҳам шу қилмишларимни эсласам – ўзимни кечиролмайман.
– Йўқ, Тўлғаной, сенинг унда ҳеч қандай гуноҳинг йўқ. Сен элга яхшилик қилай деган эдинг, аксинча бўлиб қолди-да.
– Ҳа, айланайин деҳқон далам, сен барига гувоҳсан: ниятим холис эди. Агар ўшанда овулдагилар ёпирилиб уриб ўлдиришса ҳам рози эдим. Биласан-ку, иккита катта қоп уруғлик дон тўпланди. Уни биз ғалвирлаб, тозалаб далага ўзим чиқариб қўйган эдим. Ўша куни қўйиб турсам ҳам бўларди. Ҳайдаладиган бир оз ер қолган эди. Бироқ мен тезроқ экиб олсам деб шошилардим. Эртаси куни азонда туриб уруғ сочмоқчи эдим. Уруғ тайёр, ер тайёр, деярли ҳамма иш кўнгилдагидек бораётган эди. Кечга томон уйга келиб нимагадир уннадим, тинчим йўқ эди. Кундузи Бектош билан яна бир болага бароналарни аравага солиб, далага олиб бориб ташланглар, деб тайинлаган эдим. «Бола, боланинг иши чала» деганларидек улар айтганимни қилишдими, йўқми, деб ишонолмай Алиманга айтдим: «Мен қўшчилар томонга бориб келайин, тезда келаман» – деб отланиб жўнаб кетдим. Овулдан ўтавериб отни йўрттириб ҳайдадим. Қош қорайиб, ҳамма ёқни зулмат қоплаб олаётган эди. Қўшчининг бошига етмай шудгорда омочга қўшилган ҳўкизлар ўз ҳолича юрибди, ёнида ҳеч ким йўқ. Нега шу маҳалгача ҳўкизларни қўшдан чиқармади экан, деб қўшчи боладан аччиқландим. У жувонмарг қаерларда юрибди экан, деганимча бўлмай, йўл бўйида моллалари билан ағдарилиб ётган аравани кўриб эсим чиқиб кетди. Араванинг ёнида ҳеч ким йўқ. «Ҳой болалар! Қаёқда юрибсизлар, қаердасизлар? Ким бор бунда?»–деб қичқирдим. Одам зоти йўқдек ҳеч ким жавоб бермади. «Бу нимаси, булар соққа ўхшамайди-ку»– деб олачиққа чопиб бордим. Отдан сакраб тушиб, гугурт чақиб, кириб келсам, Бектош, ўртоғи, қўшчи бола учаласи қўллари боғланган ҳолда ерда ётишибди, кийимлари титилиб, юзлари қонга ботган, оғизларига латта тиқилган. Бектошнинг оғзидан латтасини юлиб олиб: «Уруғ! Уруғ қани!»–дедим. «Олиб кетишди! Уриб, олиб кетишди!»–деб ўғрилар кетган томонни боши билан ирғаб кўрсатди. Ўша ерда қандай бўлганини билмайман, отга ирғиб миниб қувишга тушдим. Умримда бунақа от чоптирмаган бўлсам керак. Пичоқ суякка етганда одам ҳеч нарсага қарамас экан. Қоронғи тун эмас, майли, зимистон бўлсин! Уз уйимни ўғри уриб, ўз мулкимни олиб кетишса розиман, хирмонга қўл солиб, ўн қоп ғалла олиб кетса чидар эдим – хирмоннинг чўриси дер эдим, бироқ бу уруғ учун жонимни беришга тайёр эдим!..
– Ҳа, Тўлғаной, элнинг оғзидан тортиб олинган ҳар бир дон учун, одамнинг қонидан қиммат ўша уруғ учун жонингни қурбон қилсанг ҳам оз эди. Ўшанда сен зим-зиё тунни ларзага солиб: «Тўхта! Тўхта! Юзи қоралар!»–деб шундай даҳшатли қичқирган эдингки, мен уйқуга кетиб бораётганимда чўчиб уйғонгандим. Сен, отингнинг тўрт туёғи дупурлаб, ўғриларга яқинлаб келаётган экансан.
– Ҳа, оламни бузиб ҳайқирганим рост. Ўшандай ҳайқириб келаётганимда ниятим пок экан, ўғриларнинг орқасидан билгандек йўл солибман. Кўп ўтмай олдинда ўғриларнинг қораси кўриниб, отларнинг тақалари тошга урилиб эшитила бошлади. Учта экан. Отга қопларни ўнгариб, тоғ тарафга уриб кетишяпти. «Тўхта! Уруғликни ташланглар! Ташланглар уруғликни! Ташла дейман!»–деб қамчи босиб кела бошладим. Орамиз тобора қисқараверди. Улар қопларни ортиб олгани учун қаттиқ чопиб кетиша олмади, лекин уруғни ҳам ташлашмади.
Қайси биридир ўртада йўрға миниб борар эди. Илгариги синчковлигим эмасми, орқасидан танидим, юришидан, орқа ола туёғидан танидим – бизнинг саман йўрға эди. Қишда отларни ўғирлаб кетганлар шулар эмасмикин? «Тўхта! Мен танидим сенларни, мен танидим сени, Жекшенқул! Сен Жекшенқулсан! Қутултирмайман энди сени, тўхта!»–деб ҳайқириб келаётсам, чиндан ҳам у Женшенқул экан, йўрғанинг бошини бура солиб, отдан «лип» этиб тушдида, қоронғида кўзларимни қамаштириб милтиқнинг оғзидан ярқиллатиб ўқ узди: гумбурлаган товуш билан қўшилиб, отим мункиб кетиб, устидан дўппидек учиб тушдим. Йиқилаётиб бу отилган милтиқ эканлигини, ўқ елкамга текканини сездим. Ундан бошқаси менга қоронғи эди.
Бир вақт ўзимга келиб, кўзимни очсам, теварак-атрофим жимжитлик, чалқанча тушиб ётган эканман, бутун вужудим ўзимники эмасдек бўйсинмас, зирқираб оғрирди, қимирлашга дармоним йўқ эди. Ёнгинамда гоҳ пишқириб, гоҳ тепиниб, оёқ силкиб, ўқ теккан от жон талвасасида ётибди. У шу аҳволда бир оз пишқириб, қийналиб ётди-да, кейин қимирламай, чўзилиб қолди. У билан бирга бир зумга ҳаёт тўхтаб қолгандек туюлди. Сукунатли тунда ёлғиз ўзим қолдим...
Мен қимир этмай ётардим, қимир этишга ҳаракат ҳам қилмасдим. Қандай ишлар бўлиб ўтганини ўшандагина тушуниб етдим. Шу бўйича кўзим юмилиб кетса-ю, ўлсам дедим. Элга энди нима дейман, қайси кўзим билан қарайман?
Кўзларимга ёш тўлиб, осмонга тикилсам, нурсиз-хира сомон йўли тепага келиб, худди Ойшанинг юзларидан оққан кўз ёшларидек бўзариб, сарғайиб турган экан. Титраган лабларимни тишлаб, эл учун, юрт учун сўраб, тилаб, Ойшаларни йиғлатиб тортиб олган уруғимни ўғирлаб кетган қочоқларни қарғадим: «Илоҳим, қон тўккан элнинг уволи тутсин сенларни! Урушнинг уволи урсин сени, Жекшенқул! Шундай қилиб яшаганингдан кўра дунёга келмай қўйсанг бўлмасмиди? Сувонқулим, Қосимим ичган сувни сен ҳам булғаб ичиб юрган экансан-да, туф бетингга!..»
Мен анчагача шу аҳволда ётдим. Бир вақт кимдир бировнинг оёқ товуши эшитилди. «Тўлған опа! Тўлған опа-а-а-а!»–деган боланинг йиғламсираган товушидан танидим – Бектош. Излаб юрган бўлса керак. Бошимни аранг кўтариб: «Бектош, бери кел»–деб чақирдим. Одамда, отасининг боласи-да, ёнимга етиб келиб: «Тўлған опа, соғ-саломатмисиз, Тўлған опа?» – деб бошимда йиғлай бошлади. «Соғ-саломатман, белим сал турғизмай турибди, тузалиб қолса керак» десам: «Бу ҳеч нима эмас, соғайиб кетасиз, Тўлған опа»–деб бирам суюниб, нариги ёқда излаб юрган ўртоқларига: «Болалар, бери келинглар. Тўлған опам бу ерда экан, омон-эсон, омон-эсон экан!»– деб қичқирди. «Энди опангга нима деб жавоб берамиз?»–десам, Бектош бир оз индамай туриб: «Жавобини мен ўзим бераман, Тўлған опа. Элнинг барига жавобини ўзимиз берамиз, Тўлған опа. Ҳеч нима эмас» деб, бола-да, ўшанда ўн тўрт, ўн бешлардаги кези эмасми, изза бўлганига чидай олмай йиғлаб юборди. Муштларини қисиб, жойидан ирғиб туриб тоғ тарафга қараб қўл силтаб гапирди: «Биз бари бир ўлмаймиз. Кўрасанлар-ку, мен ҳам улғайиб етиларман, бу қилмишларингни ҳеч қачон унутмайман!»–деди. Унинг шу мардона сўзи учун кўнглим бўшашиб йиғладим. Шундай қилсам, йиғламанг, Тўлған опа, мен ҳам сизнинг болангизман, мен ҳам улғаяман, Қосим акамнинг ўрнини босаман, йўқлигини билдирмайман, деб қўлтиғимдан суяб, ўрнимдан турғазди.
Болалар мени аравага солиб уйга келтиришиб қўйишди. Икки-уч кун оғриб, тўшакда ётдим. Овулдагиларнинг биронтаси қолмай, кўнгил сўраб келиб-кетиб туришди. Элга раҳмат, розиман, ўшанда ҳеч ким ҳеч нима дегани йўқ менга. Шундай бўлса ҳам кўзлаган ишим битмай қаттиқ куйиндим. Шудгор қилинган ерлар қотиб кетиб, уруғ сепилмай, ўғриларга ем бўлиб кетганини эслаганим сари юрагим ачишиб юрди.
– Гапинг тўғри, Тўлғаной. Сенгина эмас, мен ҳам сездим буни. Ўша – экилмай қолган шудгор менинг танимда битмай қолган ярадек бўлиб, ўрни кўп вақтгача билиниб юрди. Шудгорга уруғ сепилмаса менинг энг катта жароҳатим ўша эмасми, Тўлғаной. Урушнинг айби билан қанча уруғ сепилмай, қанча одамларнинг умри хазон бўлди. Менинг энг ёмон кўрганим, менинг ашаддий душманим – уруш бошлаганлар, улар уруғ ҳам сепишмайди.
– Тўғри айтасан, уруш билан деҳқончилик бир-бирига қарама-қарши эмасми. Урушган экин экмайди, демак у бошқа одамларнинг насибасига қўл солади, демак, у бошқа одамларнинг душмани! Майсалбек, айланиб кетай, ўғлим, у ҳам ўша хатида ёзмаганмиди. Эсингдами она-Ер, Майсалбекнинг ёзган хати?
– Мен уни ёд биламан, Тўлғаной.
– Ҳа, сен икковимиз уни ёд биламиз. Бугун менинг хотирлайдиган куним, бугун биз ҳаммасини эсга оламиз, она-Ерим.
– Сўзлайвер, Тўлғаной. Сенинг бу айтаётганларинг эскирмайди, ҳамиша янгидек. Майсалбегингнинг ёзган хатини яна бир қайтариб айтиб берчи. Майсалбек фақат сенинг ўғлингмас, у менинг ҳам ўғлим, Майсалбек – Ер ўғли!
– Мен ўшанда уйда оғриб ётганимда, овулдошларим ҳол-аҳвол сўраб, ҳаммаси ҳам илиқ сўзлар айтиб, кўнгил очиб юрганларининг ҳам сабаби бор эмасмиди. Мен унинг бир учини сезиб қолгандек ҳам бўлдим.
Ойша қўшним, бечора ўзи аранг кун ўтказиб юрибди-ю, менга қуймоқ пишириб олиб чиқибди. У уйга кириб, келганда ўша кунги қилмишларимга қаттиқ изза бўлдим. Сўз тополмай тилим калимага келмай қолди. «Тўлғаной, сен хаёлингга ҳеч нарсани келтирмагин,–деди Ойша.– Менинг кўнгли бўшлигимни кечиргин.– Сендек аёл учун керак бўлса жонимни ҳам аямайман, керак бўлса ёлғиз ўғлим Бектошни ҳам бераман. Бусиз ҳам у икки уйнинг ўртасидаги бола бўлиб қолди. Сени мендан ортиқ кўради у. Сен биз билан одамсан, биз сен билан одаммиз. Шуни тушуниб қўйгин»–деди. «Раҳмат бу айтганларинга»–дедим мен ҳам. Бу гапларни шунчаки айтди-қўйди деб ўйласам, йўқ, чин юрак сўзлари экан.
Ўша куннинг эртасига бел оғриғим енгиллаб, уйда нари-бери қимирлаб, эшикга чиқдим. Деразанинг остига кигиз солиб, офтобда исиниб ўтирдим. Алиманни ишга чиқавергин, десам, раисимиз бугун ҳам энангга қарашгин, деб рухсат берди, деди. Ўчоқда ўт ёқиб, Алиман кир ювди.
Эшик олдидаги баҳайбат кекса олма ўша йили қийғос гуллаб, яна кучга тўлиб яшарганда, очилиб, шамол текканда шохчаларидан оппоқ гуллар тўкилиб ётди. Олма гуллаган кезда ҳаво ҳам зумрад булоқдек тиниқ, ғоятда тоза бўлмайдими. Олисдаги йилтиллаган қорли тоғ чўққилари ҳам кўриниб турарди. Шундай ўтирганимда кўчадан почтачи Темир чол кириб келди. «Ҳорма, Тўлғаной»– деб, анчагача сўзлай олмай, шошилиб, ўзича негадир шумшайиб, енгил йўталиб, шамоллаб қолибманми, қурғур деб сўзланиб, сенга хат бор эди, дегандек, сумкасини ахтариб, хат берди. Унинг бу секин имиллашига аччиғим келиб: «Тезроқ айтмайсанми, зориқтирмай, кимдан экан?»–десам, Майсалбекдан чоғи, деди. Суюниб, юрагим ҳовлиққанидан, ҳамиша Майсалбекнинг хатлари уч бурчак бўларди, бу сафар босма билан босилган тўрт бурчак, сирти қалин атлас қоғоз эканига ҳам эътибор бермабман. Шу пайт ярадор оёғини судраб қўлтиқтаёқ билан қўшнимиз Бектурсун келиб қолди, зерикканда келиб ғурунглашиб кетарди. Хат келган шекилли, ҳо, Майсалбекданку, деб сабрсизлик билан кўришди. «Қўлинг нега қалтирайди? Берироқ ўтириб ўқиб берчи»–дедим. Шундай десам кигизнинг четига ўтириб, вой оёғим, деб оғриқсиниб, ранги кўкариб, терлаб кетди ўзи ҳам. Хатни қўли қалтираб аранг очди-да, ўқий бошлади. Оҳ шўрлик болам, шўрлик хат...
«Онажоним, оқ сутингиздан айланайин, онажоним! деб бошлабди хатини.– Мен сизнинг қандай одам эканлигингизни билмасам, бу хатни ёзмас эдим. Сизнинг ақллилигингизга, ғайратингизга, сизнинг куч-қудратингизга ишониб шуларни ёзаяпман. Шундай бўлса ҳам нима деб тушунтиришга, нима деб айтишга сўз тополмай, аллақандай оқ қоғозни қоралаб ўтирибман.
Ахири менинг қилган ишимни тўғри деб топарсиз, мен бунга ўзимга ишонгандек ишонаман. Ҳа, она, сўзсиз мени тўғри дерсиз... Шундай бўлса-да, тушунсангиз ҳам юрагингизнинг тагида менга деган айтилмаган савол қолар: «Болам, қандай қилиб ўз умрингдан ўзинг кечдинг? Одамга бир мартагина насиб бўладиган бу ёруғ дунё билан ўзинг видолашиб кетавердинг? Мен сени нимага туғиб, нимага ўстирдим?» Ҳа, она, сиз онасиз. Сизнинг бу саволингизга тарих кейин жавоб берар. Бу энди менинг айтадиганларим, урушни биз тилаб олганимиз йўқ, бу кўпнинг бошига келган қирғин, бутун инсониятга қилинган зулм бўлди. Биз у билан курашмай қололмаймиз, унинг учун қон тўкиб, унинг учун жон бериб, уни ер билан яксон қилишга мажбурмиз. Шундай қилмасак бизнинг одам деган номимиз ўчади. Мен урушда юриб мардлик кўрсатайин деб хеч қачон орзу қилмаган эдим, мен ўзимни энг бир фахрли, энг бир олижаноб ишга – муаллимликка бағишлаган эдим. Замон шундай келди. Болаларни ўқитиш ўрнига қўлимга қурол ушлаб, жангчи бўлдим. Бу менинг айбим эмас.
Мана ҳозир мактабда ўқувчи ёшларга менинг биринчи ва энг охирги бериб кетар васиятим шу, уларга бериб кетган билимим ҳам шу. Бунга мен ҳаётдан олган ҳамма билимимни, вужуду дилимни қўшдим.
Бир соатдан кейин мен Ватаним топширган ишга бориб, қайтиб келмайман, душман тўдасига бориб, уни қийратиб, ўзим ҳам йўқ бўламан. Ватан учун, эл учун, ғалаба учун дунёнинг барча яхшилиги учун...
Бу менинг сўнгги хатим, сўнгги қалам тебратишим, сўнгги сўзим. Она, минг бор она десам ҳам қадрингизга ета олармидим, тушунинг бу оддий ўлим эмас, бу осонгина жондан кечиш эмас, бу ҳаёт кечиришнинг энг тенгсиз тури. Балки қулоққа қайта-қайта ўқилса ҳам, бу яшаш учун бўлган ўлим. Мен ҳозир шуни ўз ихтиёрим билан танладим. Менинг ҳеч қандай тап тортган ерим йўқ. Ватаним шу ишни менга ишониб топширгани учун фахрландим.
Мени йўқламанг, она. Мени бежиз кетди ҳам деманг. Дунёда бундан кейин уруш бўлмаса, янги кўз очган боланинг ингалагани – ўша мен, бўй етган қизларнинг севги тўла ёниқ кўзлари – ўша мен, ниҳолларда кўкарган куртак – ўша мен, далада униб чиққан экин – ўша мен, муаллимнинг болаларга биринчи ўргатган «а» ҳарфи – ўша мен, ўшанинг бари мен, ўшанинг бари мен, мен деб билиб юринг, онажоним!
Йиғламанг онажоним, ҳеч ким йиғламасин. Бундай ўлим учун ҳеч ким йиғламасин. Алвидо, мангуликка хайр, алвидо!.. Алвидо, чўққиларингдан айланайин, Ола тоғ!
Сизнинг муаллим ўғлингиз – лейтенант Майсалбек Сувонқулов.
Фронт. 1943 йил. 9 март. Тунги соат 12».

Қайғу-аламдан зил тортган бошимни зўрға кўтариб қарасам, ҳовлида одамлар тўпланиб турибди. Бари бирдек индамай, бошларини қуйи солиб, аза тутиб туришган экан, ҳеч ким товуш чиқариб йиғлагани йўқ. Майсалбек ҳеч ким йиғламасин деган эмасми. Аёллар мени қўлтиғимдан суяб зўрға турғизишди. Гуллаган олмага шамол тегиб, бутоқлардан учган оппоқ гуллари юз-кўзимга урилиб, юмшоққина силаб ўтарди. Ўша гуллаган олманинг нариги ёғи, овулнинг устки томони, олисдаги тоғнинг тепаси, учи-чеки йўқ мусаффо осмон эди. Дунёнинг мунчалик кенг эканини кўриб, оламнинг мунчалик тор эканини сезганимда ҳамма ёқни бузиб, бўзлаб, ҳайқириб йиғлагим келди. Бироқ бунга эрк бермай, лабларимни маҳкам тишлаб турдим. Алиман боядан бери қандай турганини билмайман, мен уйда турганимда икки қўлини ёзиб, кўр кишидек мени кўзлаб, тимирскиланиб келавердида, бирданига юзларини қўли билан беркитиб, тескари бурилиб кетди.
Мана шундай қилиб ўртанча ўғлим Майсалбекдан ҳам ажралдим. Фақатгина ташлаб кетган қалпоғи қолди.
– Менда эса Майсалбекнинг Ватани деган ном қолди, Тўлғаной. Элга қилган иши, донги қолди.
– Ҳа, Майсалбекнинг оти ўчгани йўқ. Ботир деган номини ардоқлаб, қишлоғимиз «Майсалбек» номидаги колхоз бўлди. Фронтдагилар Майсалбекнинг ёзиб кетган хатига ўзларининг хатларини қўшиб, қишлоқ Маслаҳатига юборишган экан. У хатда Майсалбекнинг жангчи ўртоқлари унинг кўрсатган мардлиги ҳақида ёзиб, барчамизнинг кўнглимизни кўтариб, сизнинг ўғлингиз, жигарбандингизни ҳеч қачон унутмаймиз. Ватанимиз у билан фахрланади, дейишибди. Кейин билсам, Майсалбегим разведкачи экан. Бизнинг аскарлар ҳужумга ўтиш олдидан немисларнинг пистирмада тўплаган қурол-яроғ, ўқ-дорилари бир кечада ўт олиб, атрофдаги тўқайлар ёпирилиб ёниб, фронтдош жангчиларимизга катта йўл очилибди. Шу ишни қилган менинг ўғлим Майсалбек бўлибди. Мен ҳам унинг бу ишидан ғурурландим.
Шундай бўлса ҳам, менга қолса уруш чиқмаганда, мен унинг бошқа ишлари билан фахрлансам бахтли бўлармидим. Ўғлимнинг ўзи айтгандек, болаларни ўқитиб, ўқитган ёшлари ўзидан илғор, ўзидан билимли чиқиб, ҳар хил ишда, ҳар хил илмда донг таратишса, Майсалбегимнинг ҳам обрўси шунда эди. Одам боласига энг аввало обрў керак. Урушда кўрсатилган ботирликнинг зўр жасорат эканлигига шубҳам йўқ. Бунинг учун бош эгиб, ўғлимга раҳмат айтаман. Лекин тирик юрганига нима етсин эди.
Азалдан ҳам урушдан ҳеч ким яхшилик кўрган эмас...

V

– Рост, Тўлғаной, урушда енгиб чиққан кунда ҳам, алами қувончидан кам бўлмас экан. Ўша йили, ғалаба келтирган баҳорда, сизларнинг аскарларни кутиб олганларингни ҳали ҳам унутмайман, Тўлғаной. Ўша воқеаларнинг қайси бири қувонч, қайси бири армон эканлигини ҳалигача айтолмайман...
– Мен ҳам айтолмайман – қувончимиз кўпмиди ёки ғам-аламимиз... Душман енгилиб, уруш тугаганда, остин-устин бўлган дунё тинчиб қолди-да, аввали лаънати урушнинг қизиғи билан унча сезилмаган нарсалар ўшанда элнинг юрагини яна бир марта ғазаблантириб юборди. Чунки, ғалаба ўлжа олиб, байрам бўлиб келгани йўқ, у бизга урушда омон қолган жангчиларнинг сирли тимсолида қанча йўллар босиб, товони тешилган солдат этигини кийиб келди.
Ўша куни бизга қўшнинг навбати тегиб, омоч билан томорқамизни ҳайдаб, жўхори экиш билан овора эдик. Кўчада қандайдир бир товушлар чиқиб, чопиб юришган кишиларни кўрганда, Алиман билиб кела қолайин, деб югуриб кетди-да, тезда қайтиб келди: «Эна, одамларнинг бари аскарларни кутиб олгани кетяпти, овулда ҳеч ким қолмай жўнаяпти.– Юринг, эна, тезроқ бўлинг!» деди.. Омочни ҳам, ҳўкизларии ҳам жой-жойида қолдирганча жўнадик. Ҳақиқатан ҳам кўча одамлар билан лиқ тўла эди. Қиз-жувонлар, бола-чақалар, ҳатто қилтанглаган чолу кампирларгача қолмай, отлиқ, пиёда кишилар – ҳаммаси кутиб олишга кетиб боряпти. Бу хабар қаердан чиққанини ким билсин, фронтдан бўшаб келаётган бир солдат (Кумуштак деган юқориги овулнинг боласи дейишди), аскарларнинг ҳаммаси уй-уйларига қайтиб келаётибди, деб йўлда учрашган бировга айтиб кетган эмиш. Станцияга икки эшелон аскар келиб тўхтаган эмиш, бугун тушда бориб қоламиз, деб хабар қилишган эмиш. Ҳайтовур, мана шундай қувончли гаплар! Эл шундай хушхабарни кутиб турган экан, аниғини ҳеч ким билмаса ҳам, гумонсираган жон йўқ, ҳеч ким қолмай ёппасига кутиб олишга чиқдик.
Уруш бошланмасдан аввалроқ ёшлар сола бошлаган янги кўчанинг ўрнида, овулнинг этакроғида йиғилиб кутиб турдик. У вақтларда ўша чала қолган кўча, чала томларга ўрганиб қолган бўлса керак, жанг майдонидан ғалаба билан келаётган ботир жангчиларимизни қандай хосиятли, қандай армонли ерда кутиб турганимизни ўйламабмиз. Мақсадимиз – аскарларни овулга кираверишда баримиз бирданига кутиб олиш эди. Кексалар ариқнинг уватига ёнбошлаб, отлиқлар от устида, болалар нураган томларнинг деворларига миниб, чаққонроқлари дарахтларнинг шохларига чиқиб олишибди. Ана келади, мана келади, дегунча кўрган тушимизни, аён бўлган нарсаларни сўзлаб, йўлдан тош териб олиб, фол очиб, фолимизни яхшиликка йўйиб, катта йўлдан кўзимизни олмай, тикилиб қараб турдик. Ҳозир ўйлаб турсам, дунёдаги одам боласининг бари ўшанда бир мақсадда, бир ниятда, бири-бирига яхшиликни раво кўриб, ўз ўғил болаларини шунчалик суйишса, ўшанчалик кутишса, балки уруш бўлмасмиди, дейман.
Йиғилганларнинг кўпи нафасини ичига ютиб, чурқ этмай, гап қотмай турарди. Ҳар ким ўзича хаёл суриб турган бўлса керак. Чунки, беш йил қонли урушни бошидан кечириб, энди ғалабага етишиб турган кунда, урушнинг энг сўнгги кўринишидан ҳаяжонланиб турганди. Ким келиб, ким келмайди, деган сўроқ ҳар кимнинг хаёлида бор эди, шундан бошлаб ҳар кимнинг тақдири, ҳар кимнинг умиди ҳар хил ечилади. Шундан бошлаб ҳар кимда ҳар хил янги ҳаёт бошланади.
Дарахтларга чиқиб олган болалардан биттаси бир вақт: «Келяпти!»–деб қичқирганда, қўбизнинг таранг тортилган торига қўл теккандек баримиз бир овоздан «Келяпти»–деб такрорлаб, серрайиб туриб қолдик. Тўп ичига пашша тушса эшитилгудек жимжитлик чўкдида, ўша заҳоти: «Қани? Қаерда келяпти? Қани?»–деган овозлар чиқиб, шу ондаёқ яна жим бўлиб қолди. Олисда катта йўлнинг устидаги ёлғиз аравадан бўлак ҳеч нима кўринмади. Арава овулга айрилган йўлнинг устида тўхтадида, ундан сакраб тушган биргина солдат халтасини, шинелини елкасига солиб, аравакаш билан хўшлашиб, бери юра бошлади. Бизнинг орамизда ҳеч ким ҳеч нима дегани йўқ, турган одамларнинг бари индамай, анграйиб қараб туришди. Солдат тобора яқинлашиб келаверди, лекин бир киши ҳам ўрнидан қўзғалгани йўқ. Одамларнинг оқарган юзларида қандайдир бир нарса кутаётгандек умид учқунлари сезилиб турарди. Чунки бизнинг кутганимиз ёлғиз солдат эмас, йўлга сиғмай, тиқилиб урушга жўнагани сингари, кўпчилик бўлиб қайтиб келишлари эди.
– Бандасизларда, Тўлғаной! Урушга кетганлар қачон тўла-тўкис ҳаммаси қайтиб келган эди? Одам деган гоҳида шуни эсдан чиқариб қўяди шекилли.
– Гапинг тўғри, улуғ далам! Бироқ биз бандамизда, яхшиликка доим умидимиз катта. Шунинг учун ҳам ўшанда биттагина солдатнинг келаётгани элнинг ҳушини учириб, эсини чиқарди. Солдат берироқдаги дўнгчага етиб, овулнинг четида туриб қолган элни кўриб, юраги дов бермади шекилли, у ҳам чўчиб тўхтаб қолди. Бу нимаси, бу қанақаси бўлди экан, булар нима учун индамай қараб туришибди, деган ўй билан солдат бурилиб орқасига қаради. Ўзидан бошқа йўлда ҳеч ким йўқлигини кўриб, у бизга тўғри юриб кела бошладида, яна тўхтаб, яна қайрилиб, орқасига қаради. У шу аҳволда яқин келаверганда, олдинда турган бир кичкина қиз: «Аширали акам! Аширали акам! Аширали акам келаяпти!»–деб қичқириб юборди. Қаёқдан таниганини ким билсин, бошидаги рўмолини юлқиб олиб, ҳалиги яланг оёқ, чақчайган қиз: «Акам! Акам!»–деб қичқирган бўйи солдат томон югурди. Унинг кетидан болалар югуриб, сўнг аёллар, кейин турган кишиларнинг ҳаммаси: «Аширали! Айланай, ростдан ҳам Аширали эмасми?»–деб чувиллашиб жўнади. Ўша дамда бизни қандай куч сеҳрлаб, юрагимизда қандай соф туйғулар қўзгалганини айтолмайман – қандайдир бир қувонч, жонга ҳузур бахш этган меҳр-муҳаббат, шодлик кўз ёшлари бутун борлиғимизни қамраб олганди. Қучоқ очиб солдатга чопиб бораётганимизда биз ўзимиз билан қўшиб бутун ҳаётимизни, бошдан ўтган-кечирган кунларимизни, азоб-уқубатларимизни, ухламаган тунларимизни, оқарган сочларимизни, қариган қизларимизни, етим-есир қолганларимизни, дарёдек оққан кўз ёшларимизни, ғайратимизни, ғам ғуссаларнмизни байроқдек кўтариб, ғалаба билан қайтган жангчимизга олиб бораётган эдик. Олдидан тўсиб чиқаётган элни кўриб, солдат ҳам тез-тез юриб келаверди.
Одамлар билан югуриб бораётганимда, бир вақт станцияда тўхтамай бир зумда ўтиб кетган эшелон ҳозир ҳам ёнимдан ўтиб бораётгандек, қулоғим тиниб, қуюн бўрон, ғилдираклар остида зинғиллаган рельслар юрагимни зирқиратиб, «Она-а! Алима-ан!» деган Майсалбекнинг шамол олиб қочган овозини қувиб бораётгандек эдим.
Отлиқлар биринчи бўлиб етиб бориб, солдатга от устида ёпирилиб, унинг кўтариб келаётган халтасини, шинелини қўлидан олиб, ўзини пойгадан ғолиб чиққан тулпордек етаклаб келишарди. Ер, она-Ер, сен ўша солдатни унутмадингми? Ботирнинг қиёфаси эсингдами?
– Эсимда, Тўлғаной. Мен у солдатнинг қиёфасини ҳеч вақт унутмайман, у бугун ҳам йўл тортиб, қучоқ очиб: «Айланайин, эл-юрт! Айланайин эл-юрт! Жоним қурбон! Бошим қурбон!»–деб қичқириб, югуриб келаётгандек. Унинг кўкрагидаги медаллар кумуш тилладек жаранглаб, юзидан оққан кўз ёш гўё ёмғир томчилаб келаётгандек. Шуларнинг ҳаммаси эсимда, Тўлғаной кенг елкали, баланд бўйли баққуват солдат, неча марта ажал билан юзма-юз келган, неча марта ўққа чап берган жангчи ёш боладек қувониб, бугун ҳам ҳу анави йўлда югуриб келаётгандек.
– Ҳа, ҳа, худди шундай. Биз ҳам ҳаммамиз йиғлаб, эл билан солдат қўшилганда, соғинишган икки тўлқин қўшилишгандек, эзилишиб, қучоқлашиб кўришдик. Ўша тўполон, қий-чувда ҳар биримиз ҳар томондан Аширалининг бўйнига, елкаларига осилиб кўришардик.
Ў, ғалаба-ей, орзу қилиб кутган, курашиб етишган ғалабамиз-эй! Ассалому алайкум, ғалаба! Кечиргин бизнинг йиғлаганларимизни, кечиргин Алиман келинимни. Омон қайтган Аширалининг кўкрагига бошини қўйиб: «Қаерда менинг Қосимим? Қаерда?»–деб қичқирганини кечиргин. Ҳаммамизни кечиргин, Ғалаба! Сени деб қанча нуридийдаларимиздан ажралдик.
«Бошқалар қани? Фалончи қаерда? Тугинчи қани? Қолганлар қачон келади?» деб ёпирилиб сўраганимизни кечиргин. Сўроқларнинг ўртасида қолиб, кўз ёшини тўхтатолмай: «Кетганларнинг бари келади! Эртага келишади. Яқинда келишади. Битта қолмай келишади!»–деб Аширалининг айтганларини кечиргин. Кечиргин бизни, ғалаба, кечиргин. Сен билан юз кўришиб туриб, биз кўнглимизда ҳар биримиз жанг майдонидан қайтиб келмаганлар билан сўнгги бор видолашдик, уларни яна бир марта эслашиб, яна бир сидра куйиниб, юрагимизни совутдик. Кечиргин мени, ғалаба, кечиргин! Аширалини қайта қучоқлаб, қайта ўпиб, Жайноғимни, Майсалбегимни, Қосимимни, Сувонқулимни эслаб, ичга ютган армонимни кечиргин!
– Йўқ, Тўлғаной ундай дема. Дунё сендан кечирим сўрасин, замона сендан кечирим сўрасин! Сен кечирармидинг, Тўлғаной?
– ...........................
– Нега индамайсан, Тўлғаной?
– Кечирмас эдим! Душманимни азалдан кечирмайман. Бироқ замонамга кек сақлаган ерим йўқ. Охири бахайр бўлсин. Аммо урушга даъвоим кўп. Отилган ўқ, тўкилган қон – тарихнинг ҳисобида, лекин одамларнинг завол топган умри-чи? Уни кимнинг бўйнига қўйиб, тарихнинг қайси бетига ёзамиз? Унинг учун ким жавоб беради? Ўққа учмаган бўлса ҳам, Алиманнинг тақдирини эслаганимда, юрак бағрим куйиб чўғ бўлади. Унинг уволи кимга? Унинг дардини кимга, кимга айтаман? Бечора келиним, гул севган келиним!..
Аширалининг яқинлари уни уйларига олиб кетиб, элнинг бари тарқаб кетгандан сўнг, Алиман иккаламиз уйга қайтдик. Шу билан урушдан олиш-беришимиз тугаб, бундан бу ёққа тинчлик даври бошланди.
Биз жимгина келавердик. Янгигина йиғлаганигами, Алиман қисилиб, энтикиб, чучкириб келарди; қовоғини солиб, ҳеч ёққа қарамай. Ўчган рангини кўриб, келинимнинг аллақандай хаёлларга чўмганини тушундим. Кун қизиб, ҳаво димиққанида, киши ҳам кўнгил кўтарувчи сўз топгунча диққинафас бўлиб кетмайдими. Худди шундай, Алиман ҳам қийналиб турган эди. Буни мен жавдираб тикилган кўзларидан, лабини маҳкам тишлаганидан сезиб турардим. «Оҳ, энди айрилишамизми. Қосимдан умиди узилдику, – деб ўйланиб келардим.–Айрилишмаганда нима қиламиз. Ўлган қайтиб келармиди, ё орқасидан ўлиш керакми, кетади-да энди, кетмаганда илож қанча. Аттанг-а, қандай қилай, қандай қилай! Кетса кетади-да. Қачонгача есир ўтиради. Кўнгли бузилиб, кетаётибдими. Пешонадаги шу экан, розилигимни бераман. Ишқилиб, бахти очилса бўлгани. Ёш эмасми, тағин бир тенгини топар, Қосимдек меҳрибонга йўлиқармикин? Ким билади? Бахтли бўл, чироғим, бахтли бўл. Нимасини айтайин. Гоҳо мени эслаб қўйсанг, дейман, болам. Сендан бошқа кимим бор. Сен кетсанг, ўлганнинг кунини кўриб, бир уйда ёппа-ёлғиз қоламан. Шўрли бошим. Қариганда мададкор бўладиган фарзандларимдан нишон ҳам қолгани йўқ. Бироқ, менга қарамагин. Уволингга қолмайин, қачон кетсанг ҳам бошинг бўш. Менинг учун ғам ема, болам, кунингни кўр. Розиман сендан, оқ фотиҳа бераман...» – деб айтадиган гапимни ҳозирлаб, сўзлашишга тайёр бўлиб турдим. Сирдош бўлган, бирига бири куйинган кишилар одамнинг хаёлидагини гапиртирмай биладиганга ўхшайди. Мен ўшанда қандай азоб чекиб келаётганимни Алиман билган экан. Бироқ унинг гани мен кутгандек бўлиб чиқмади. Сахий далам, сендан яширадиган сир борми, Алиманнинг ўшандаги ишларига, унинг айтган сўзларига, унинг беқиёс одамгарчилигига, юраги кенглигига розиман, ўла ўлгунча розиман. Бироқ, ўзимдан норозиман, ўзимни лаънатлайман...
Нима учун ўшанда бўшлик қилдим, нима учун Алиманнинг сўзига ёш боладек кўна қолдим?
Қосимларнинг чорпоғининг ёнидан ўтиб бораётганимизда, уй қиламиз деб ғамлаган олам-олам жаҳон тош, неча йилдан бери қор ёмғирда қолиб, эзилиб битган ғиштлар бир уюм тупроқ бўлиб ётгани кўзга ташланди. Ёшлар урушга кетгандан бери бу янги кўча ўша бошланганича қолган, теварак атрофини ғовлаган ола бута, қариқиз ўтлари босиб, уларнинг орасида арқонланган бузоқлар юрибди. Нураган деворларнинг бошларида сассиқпопушаклар тожларини тараб, ёзнинг ҳавосида яйраб, бемалол сайраб туришган экан. «Ёпирай, уй-жой солиб, ўзимизча кўпайишиб боряпмиз, деганларимиз қаерда қолди? Қара-я. Бояқиш Қосимимга ҳам буюрмади-да» – деб, ўйланиб келаётганимда, Алиман менга ялт этиб қарадида, қаттиқ аксирди. «Эна,–деди у менга, –мунча энди қайғурмасангиз! Ёки ёруғ дунёдан умидингизни уздингизми? Ундай қилманг, энажон, бўшашманг бунча, ғайратингиз бир элчалик бор эдику. Бери келингчи, бундай тепаликда гаплашайлик». «Ҳозир айтади, кетаман дейди энди» – деган ўй вужудимни куйдириб юборди. «Ўтирайлик, гаплашайлик» – дедим мен ҳам.
Йўл бўйидаги дўнгликка қайин она-келин иккаламиз маслаҳатлашгани ўтирдик. Оҳ Алиманим-эй, нега мунча меҳру- муҳаббатли бўлиб яралдинг экан! Ўша оқ кўнгиллигинг ўз бошингга етдими, ким билсин? «Эна,– деди ўшанда Алиман, – Касофат уруш битди энди. Ҳақи қолгани йўқ. Бундан кейин нима қиламиз, деган ўйингиз ҳам бордир. Койиманг, энажоним. Дунё шунчалик адолатсиз бўлиб кетди, дейсизми? Пешонамизга ёзилган яхшиликнинг учқуни ҳам қолмади, дейсизми? Бир уйдан кетган тўрт кишидан қандай қилиб биронтаси омон қайтмасин. Йўқ, йўқ, эна, қўйиб туринг, менинг сўзимга қулоқ солинг. Оқ дилимни айтаман, эна, кўнглингизга қарасам, Худо урсин, уйда ўзимни-ўзим алдаган бўламан. Ишонинг менга! Худо қўлласа, кичкина бола омон қайтиб келади. Хабарсиз кетди дегани омон дегани, экан. Ким билади, қўлга тушиб кетдими, тентираб адашиб кетдими, ё ярадор бўлиб, тўқайда яшириниб юрибдими, ҳайтовур эртами-кечми Жайноғингиз ярқ этиб қайтиб келганда биларсиз. Бедарак йўқолди деганига умидсизланмайлик, эна. Дараксизгина эмас, ҳатто ўлди деб қорахат келган баъзи бировларнинг ҳам тирик экани маълум бўляптику. У тугул, юқориги овулларда ҳам, ҳў пастдаги қозоқларда ҳам шундай воқеалар бўлди, ўзингиз билиб юрибсизку, азасини очиб, ошини бериб бўлгандан кейин, бир куни омон-эсон қайтиб келди. У, бизнинг кичкина бола, омон-эсон юрибди. Юрагим сезиб турибди. Қандай қилиб тўрт кишидан биронтаси ҳам қайтиб келмас экан. Сабр қилайлик, эна, кутайлик. Менга қаранг, энажон, мен ҳам сизнинг болангизманда, аввал келинингиз бўлсам, энди ўғлингиз ўрнида ўғлингиздек кўринг. Ундай эмас десангиз, маъқул, бир-биримизнинг юзимизга оёқ қўйсак, унда нима бўлади. Қосимнинг арвоҳи гувоҳ, сизни ёлғиз ташлаб кетмайман, эна. Қолганини ўзингиз билинг...»
 Алиман гапириб бўлгач, анчагача индамай қолдик. Ўшанда майнинг ўрталари эди, шекилли. Узоқдан элас-элас кўринган баланд чўққини ола-була булут қоплаб, онда сонда ҳаво гулдурлаб, шабада елиб турарди. Ўша ярқираган вақтда баҳорги шудринг тушиб турганди. Қуёш шуъласига бурканган ёмғир доналари симобдек ярқираб гоҳо тоққа, гоҳо сойга кўчиб, гўё олам юзини юваётгандек. Ўша олислардаги ёмғирнинг салқин нафасини шамол ҳайдаб, лип-лип этиб жонимга ором берарди. Алиманга ҳеч нима деганим йўқ. Бироқ менинг айтадиган сўзларим шу ярқираган ёмғирдек соф сўзлар эди. Тунга айланган дилимга, ҳансираган жонимга ёруғ нур теккандек, бутун вужудим билан сенга айтдим, улуғ Ер. Шундай одамларнинг борлигига шукр, Ер дедим. Дунёнинг поклигига, одамнинг поклигига раҳмат дедим. Шу ола-була булутга, ярқираган ёмғирга раҳмат дедим. Ёмғир ёғади, экин ўсади, юрт кун кўради, мен ҳам улар билан бирга яшайман дедим. Буларни айтганим – Алиман мени жон куйдириб, ҳурматлагани учунгина эмас, мени ёлғиз ташламайин дегани учун эмас, йўқ, бир кишининг домиризқи қаерда ўтмайди дейсан, мен суюнганда, мен фахрланганда, бошқа нарсага, инсонда бўлган улуғ нарсага сиғиндим. Уруш одамни қаттиққўл қилади, тошбағир, шахсиятпараст, ҳайвон қилади деб ким айтади? Йўқ, уруш, қирқ йил қирғин келтирсанг ҳам, нечаларнинг ажалини етказиб, ўртаб, қийратиб, яксон қилсанг ҳам, одамни сен тобе қилиб, бўйсундира олмайсан. Одам умид қилган ҳамма яхшиликларидан ажралса ҳамки, қандай бўлмасин, бировга яхшилик қилсам дейди, уни суяб, турғизсам дейди, уни озгина бўлса ҳам бахтли қилолсам дейди.
Менинг Алиманим чинакам одам-да! Қоронғи кечада парашютга осилиб, душманларнинг ўртасига самолётдан сакраб тушган Жайноқ хабарсиз, дараксиз йўқ бўлди, деганига қарамай, у ўлмайди, у омон, у сўзсиз қайтиб келади, деб ишонгани, тилагани ким учун? Дунё унчалик адолатсиз эмас, деб бел боғлаши ким учун? Алиманнинг чин қалбдан айтган сўзларига мен ҳам ишониб, ростдан ҳам Жайноқ тирикмикин, ундай бўлса, қайтиб келса ҳам ажаб эмас, деб ёш болалардек умидвор бўлиб қолдим. Мен шу ҳолда ўйланиб ўтирсам, Алиман томорқага ташлаб кетган омоч-бўйинтуруғларимизни эслаб: «Ие, еримизни ҳайдаб битирмадикку, эна, юринг, тезроқ юринг, қотиб қолмасин»–деб шошириб қолди.
Чорвоққа келсак, ҳўкизлар омочни судраган бўйича, аллақачон ариқ ёқалаб ўтлаб юришибди. Алиман уларни қайтариб келгач, яна ҳайдашни бошладик. Одамнииг кўнгли қизиқ нарсада. Бир зумда қанот боғлаб кишини олиб учади-я! Айтган сўзлари, қилган ҳаракатлари ўз кўнглига тўғри келса керак, Алиман, ўша урушдан олдинги қиёфасига қайтиб келгандек очилиб кулгани, чеҳрасини очиб сўзлагани ярашиб турибди. Нимчасини, ечиб нарироққа, ирғитиб юбориб, оқ кўйлагининг этагини липпа уриб, енгни шимариб, бошидаги рўмолини чаккага тортиб тушириб, қора тўриғ юзидан нур ёғилиб, баланд товуш билан: «Ола бош ҳўкиз, чўх! Чўх, чўх! Қайт, қайт, чўлоқ қуйриқ. Чўх, чўх-э!»–деб узун тасма қамчини шартиллатиб уриб, ўзича бақириб ер ҳайдай бошлади. Оҳ, Алиманим-эй, билсам, у мени ўксинмасин, ҳаётдан, ишдан кўнгли совимасин, тирикчилик қилсин, дегани эканку. Омочнинг тутқичидан ушлаб келаётганимда, орқасига қайрилиб қараб: «Эна, омочни астароқ босинг, тоши бетга чиқиб қолмасин!»–деб бошлаб юрди. Яна икки-уч бориб келадиган ер қолганда ёмғир томчилай бошлади. Борган сари кучайиб, жалага айланди. Бу кучайган бевош жала ўткинчи экан. Шундай бўлса ҳам у овулда ташвиш орттирди. Қанотларини шапиллатиб қақағлаган товуқлар ўзини ҳар ёққа урар, аёллар ёйган кирларини олиб қочар, болалар кўчада қувлашиб:

«Жала, жала, ўтиб кет,
Қора сувдан кечиб кет»,–

дейишиб, чопишиб юришди. Ивиб кетамиз, айланай, уйга кириб турайлик, десам, Алиман: «Ҳеч нима эмас, эна, битириб қўяйлик!»–деб, ёш қизчадек ёмғирнинг қитиқлаганига қотиб кулиб, ҳўкизларни тўхтатмай ҳайдаверди. Келинимнинг бу ишидан хурсанд бўлдим. «Феъл-атворингдан айлансин энанг, ўткинчи ёғиндек ярқиллаган юзингдан айланайин, ёмғирдек шўхлигингдан ўргилай! Қандай бахтли аёл эдинг! Э-э, дунё, дунё, дунё шундай экан!» – деб юрагим қувониб, Алиманнинг афтига тикилиб тўймадим. Кейин ўйласам, унинг бу ишлари ҳали менга аталган, менинг кўнглимни кўтармоқчи бўлган экан.
Алиман ҳадеб кафтини ёғинга тутиб: «Эна, бу ёққа қаранг-чи! Қандай сўлим ёмғир-а! Қандай мусаффо ёмғир! Бу йил дон мўл бўлади. Чўх, чўх-э, ёмғир, баракангни тўкавер, тўкавер!»–деб қамчи билан ёмғирни, ҳўкизларни саваларди. Ўшанда у ўзининг нақадар гўзал эканлигини, ивиган кўйлаклари баданига ёпишиб, қоматининг қанчалар хушбичим эканлигини, кўзларининг қанчалик чақнаганини сезмаган бўлса керак.
Илоҳим, уволинг тутсин урушни!
Жала тўхтаб, олислаб кетганда, Алиман ҳам тезда ўтиб кетар эканда, деган хаёл билан узаб бораётган ёғиннинг ортидаи мунгланиб тикилиб, олисга кўз югуртириб, ёмғирнииг босилиб бораётган куйига қулоқ солиб, қаттиқ аксирди. Бояқишим-эй, Қосимни эслади шекилли ўшанда. Кўзи менга тушиб, кулиб юборди-да: «Ёмғирнинг нами билан маккажўхорини экиб олайлик»– деб, уйга чопиб кетди.
Ивитилган маккажўхоридан Алиман катта бир чангал олиб чиқиб: «Эна, шу маккажўхори думбул бўлгунча кичкина бола омон-эсон қайтиб келсин!»–деб ният қилиб, уруғини ерга сочиб юборди. Алиманнинг ўшандаги қиёфаси кўз ўнгимдан сира кетмайди. Булут орасидан ялт этиб чиқиб, ҳозиргина кўтарилган қип-қизил чўғдек, офтоб текканда, ёмғирдан кейин нам бўлган қора тупроқни ялангоёқ босиб, қадам сайин шудгорга олтин сочаётгандек уруғ сепиб, бу хосиятли меҳнатни яхши ният, яхши умидга бағишлаб, Алиманим жўхори эмас, яхшилик уруғи сепиб юргандек эди. «Кўрасиз-ку, эна, менинг айтганларим тўғри чиқади. Насиб бўлса, кичкина болага думбулни ўзим ўтга кўмиб, пишириб бераман. Илгарилари думбулни мен билан талашиб егучи эди-ку. Эсингиздами, бир марта иссиқ сўтани олиб қочаман деб, қўйнига солиб юборганда, бадани куйиб қолмаганмиди. Уҳ, уҳ, деб, ичини ушлаб, сакраб юрса, мен жинни одамдек: «Бу ҳам оз сизга. Оз!»–деб кулаверибман. Эсингиздами?–деб Алиман мени ҳам кулдириб юборди.
Майли, энди, шунисига ҳам раҳмат! Маккажўхори бир эмас, икки марта, уч марта думбул бўлди, бироқ Жайноғимиз қайтиб келгани йўқ. Алиман кейин ўзи айбдор одамдек индамай қолди...
Олатоғда қиш ўтиб, кўклам келиб, ҳаёт ўз оқимида аввалгидек давом этаверди. Эл тўйиб, колхоз қаддини тиклаб, кўрган кечганларимиз аста-секин хаёлдан кўтарилиб, урушнинг излари йўқола бошлади. Алиман иккаламиз аввалгидек колхозда ишлаб юрдик. Йигитлар фронтдан қайтиб келгач, бригадирликни мен уларга топширдим: «Сизларнинг йўқлигингизда уч йил эплаб, ишлаб турдим, энди эса қаридим, ҳоридим, йигитлар, энди ишни ўз қўлларингга олинглар»–дедим. Ўшандаги ёшларнинг бир хиллари ҳозир ҳам мени «Бригадир опа» дейишади, ҳурмат қилишганидан бўлса керак...
Замон тинчлангани билан Алиман иккаламизнинг қайғу ғамимиз битгани йўқ. Кўринишдан ёришиб, сир билдирмагандек бўлсак ҳам, бироқ ҳақиқатда бўлиб ўтган ишлар доимо унинг ҳам, менинг ҳам юрагимдан кетмай азоб берарди. Бундай қарасанг, ҳар ким ўзича ақл юритиб, ҳар биримиз ўз кўмачимизга ўзимиз кул тортишимиз, ўз турмушимизни ўзимиз қуришимиз керак эди, тўғри йўл ҳам шу эди. Бироқ, биз ундай қилмадик. Мендан ўтдими, Алимандан ўтдими, унинг сабаблари кўп, уни гапириб ўтириб нима қиламиз. Балки, биздан ҳеч қандай айб ўтмагандир. Қанчадан-қанча дарду аламимни айтиб, сенга келардим-ку, жонажон далам...
– Ҳа, келардинг, Тўлғаной. Гуноҳга ботириб нима қиламан келинимни, нима қиламан, уволи-чи, қандай қиламан, деб йиғлардинг. Қачон келсанг ҳам, неча бор келсанг ҳам, ўшанда мен сенга маслаҳат беролмаганман, Тўлғаной. Орадан анча йиллар ўтди. Сен, мана, қариб қолдинг. Бироқ ҳозир ҳам сени оқлаб, ё бўлмаса қоралаб бирон нарса айтолмайман.
– Ким билади. Шуларни ўйласам ўзимни кечиролмайман. Келиним Алимандан ўзга, феъл-атвори бошқа, муомаласи бошқа, одамгарчилиги бошқа, юриш-туриши бошқа аёл бўлганда, кўп кечиктирмасданоқ: «Қўй, энди болам, қачонгача тул бўлиб ўтирасан. Ёш бошингни хор қилмай, бировга тегиб кетгин» – дер эдим. Бироқ, Алиманга айтолганим йўқ. Агарда айтсам, одамзод дунёсининг осойишталигига қандайдир хиёнат қилаётгандек, қандайдир бир пок нарсани булғаб қўяётгандек ботинолмай юрдим. Тўғри, Қосим ўлди – сен энди кетгин, керагинг йўқ, бошқа бировга тегиб олгин, дейишга оғзим борармиди? Сўзларимни қанчалик силлиқламайин, барибир шу маъно келиб чиқарди. Бир томондан эс-ҳушли жувон эмасми, ўзи ёрилар деб шошилмаган ҳам эдим. Алиман бўлса, бечора бояқишим- эй, кишиларга бунча меҳрибон бўлиб яратилганини қара, мени аяб кўзи қиймай юрганга ўхшарди. Шунга қарамай, мендан ўтмасин, деб бир кун Қайиндидан оғалари қидириб келганда, мен Алимандан минг марта розиман, деб кўнглимдагини тушунтирдим. Шундай десам, уларни жеркиб: мен билан ишларинг бўлмасин, кетаманми, кетмайманми, ўзим биламан, сизлар аралашманглар, дебди. Гапирмасам бўлар экан, деб афсусланиб қолдим. Менинг уялганимни билиб, Алиман ўшанда, ўртамизда қандайдир бир сўз ўтганини сездиргани ҳам йўқ. Ич-ичимдан миннатдор бўлдим. Шу зайлда бир-биримизни аяб, бир-биримизни қиёлмай, Жайноқ келиб қолармикин, деб умид қилиб алданиб юриб, энг охири ундан ҳам умидни узиб, кейин унинг вақти ўтгач, кеч бўлиб қолди. Ҳа, она-Ерим, имонимдек пок сиримни айтяпман. Қолганини ўзинг биласанку.
– Биламан, Тўлғаной. Келинингга аввалдан айтмай юриб, кейин айтганингда юзингга қарамас эдим.
– Рост айтасан. Қандай бўлиб кетганини ҳозир ҳам билолмайман. Овулимиз йўл устида эмасми, яйловга мол ҳайдаганлар, ишлашга тушганлар ҳар доим бизнинг ерлардан ўтиб кетишмасмиди? Ер ўртаси деб молини ёйиб, икки-уч кун туриб ҳам қолишарди.
Қирқ олтинчи йилнинг кузида қуйи овуллик бир чўпон қўйини боқиб юрди. Аскардан келган йигитга ўхшайди, бўз шинелли, тўнини бўктириб, милтиғини елкасига осиб, бу ерларда айланиб юрганида унча эътибор бермасдим унга. Овулда кимдир биров тўй қилиб қолди-да, улоқ берди. Ҳалиги чўпон улоқчи йигит экан, улоқни бизнинг дарвозанинг олдига олиб келиб ташлади. Ҳовлидан югуриб чиқдиму, ўшанда кўрдим уни, ўйноқлаган отини гижинглатиб турибди. Ажабтовургина йигит экан. Нима учундир бошқа сўз оғзимга келмай: «Ҳой, бу ниманг, болам?»–дебман. Шундай десам:
–«Уйда ким бор?»–деди. «Ким керак эди?»–дедим. «Қўлимдан тушиб кетди»–дедида, бир энгашиб улоқни олиб, тақимлаб жўнаб кетди. Унгача улоқчилар етиб келиб орқасидан ёпирилиб қувиб кетишди. Шундан кейин мен у чўпонни иккинчи марта кўрганим йўқ. Лекин унинг қилган ишларига аччиғим келди. Бу нима қилгани: олиб келгандан кейин ташлаб кетмайдими, улоқ – тушган уйники эмасми, ёки рости билан қўлидан тушиб кетдимикин? «Ундай бўлса, нега кўчага тушмай, дарвозанинг олдига тушади?»–деган ҳар хил ўй босди. Мен шу зайлда турганимда Алиман чиқиб келди. Гулли рўмолини ўраб, шойи кўйлагини кийиб ясаниб олган, тўйга бормоқчи бўлиб турган эдик. Мени кўрганда Алиман ерга қараб қизариб кетди. «Юрмайсизми, эна»–деб секин гапирди. Бояги чўпониинг нима учун келганини эндигина тушундим. Икки уч кундан бери Алиман сув олиб келаман деб ариқдаги сувни қўйиб, катта сойга бориб, кеч қайтиб юрганди. Кўнглим ниманидир сезгандек бўлувди-я... Охири бир кун шундай бўлишини, сўзсиз шундай бўлишини илгаридан билардим. Қизғанганимдан эмас, ё балки қизғанганимники ҳамдир, лекин гап бошқа ёқда. Алиманни кўп кечикмай, ўз ўрнини топиб олса экан, деб тилаб юриб, иш ўнгидан келганда, тисарилдим, қўрқдим. Боши очиқ келинимни эмас, гўё ўз қизимни эрга бераётгандек, Алиманни янглишмаса экан, тушган жойи яхши бўлса экан, деб юрдим. Тўйда ўтирганимда ҳам, уйда ўтирганимда ҳам шу ўй хаёлимдан кетмади.
«Бояги йигит қанақа одам экан? Яхшилаб, билиб кўриб олгин. Шошилма, Алиман болам, алдашиб қолма!»–деб ичимда айтавердим. Нима бўлса ҳам ёшларга тўсиқ бўлиб қолмайин. Алиманни иймантирмай, ўз ихтиёри ўзида эканлигини, менинг унга ҳеч қандай қаршилигим йўқ эканлигини, қандай қилиб билдирсам экан, деб қийналдим. Ҳеч нимани сезмаган кишидек бўлиб, кундагидек сўзлаб, кундагидек кулиб юрсам ҳам, Алиман мендаги ўзгаришни сезган экан. Кечга томон сувга бораман деб челакларни олиб чиқиб кетганда елкамдан оғир юк тушгандек енгил тортдим. Борса бориб, учрашиб келсин, дедим ўзимча. Лекин кўп ўтмай Алиман сув кўтариб кириб келди. Сойга бормай, ариқнинг ўзидан олиб келган экан. «Эна, сув иситиб берайин, бошингизни ювиб олинг»–деди Алиман, челакларни жойига қўя туриб. «Эртага кундузи ювиб оларман, ишинг бўлса...» – деб бошлаган эдим, Алиман сўзимни бўлиб: «Эртага колхознинг ишидан қўл бўшамайди, эна, ювиб олинг, сочингизни тараб қўяйин»– деди. Кўнглига келмасин деган ўй билан кўниб қўя қолдим. Катта қозонни тўлдириб сув иситиб, мени бош ювиб кўрмаган боладек ўтирғизиб, дарров қатиқ билан ювиб, ундан кейин совунлаб, сувни илиқ қилиб чапиштириб, бошимга қуйиб турди. Бошқа вақтда бўлса, болам, қўя қол, ўзим ювиб оламан, дердим, бироқ бу сафар индай олмадим. «Оббо, бу қандай бўлди, мени деб икки ўртада ваъда қилган ерига боролмай қолдику»– деган ўйга бордим. Ундай десам, Алиман уни-буни гапириб, кўнгли кўтаринки бўлиб юрди. Бор-йўғи сочимни тараётиб сал безовта бўлди. «Эна, ёшлигингизда сочингиз зап соч бўлган бўлса керак!»– деб манглайимни, сочимни эркалатиб силаб, юзларимга, бўйнимга қўлларини узоқ қўйиб турди. «Мен билан хайрлашяпти-ку»– деб ўйланиб, кўзимга келган ёшларни яшириб, ўзимни аранг тутиб турдим. У бўлса сочларимни ўриб, сандиқдан атир олди. «Вой болам, менга унинг нима кераги бор, вой айланай, қариганда уят эмасми?»–деганимга қўймай кулиб, зўрлаб бошимга атир сепдида, бўйнимдан қучоқлаб ҳидлади. «Мана қандай сулув, ёп-ёш бўлиб қолдингиз»– деб роса суюнди. Мен ҳам кулдим.
«Энди чой ичинг, эна»–деди. Чойдан кейин эса: «Тўшагингизни солиб берай, ётайлик»–деди.
Ўша кеча икковимиз ҳам ухлаганимиз йўқ. Алиман ўзича хаёл суриб ётдими, гоҳ-гоҳда қаттиқ хўрсиниб қўярди. Мен бўлсам кўзимни юмсам ҳамки, Алиманнинг бугунги қилган яхшиликларига меҳрим товланиб, ўтган-кетганлар кўз ўнгимдан ўтиб турди. Алламаҳалгача Алиманнинг ҳов ўшанда гулхайриларни комбайннинг пиллапоясига олиб бориб қўйганини эслаб ётдим. Бир маҳал Қосим аскарга жўнашда уни отга мингизмай, бўйнига маҳкам осилиб, ёш боладек қўлларидан тортқилаганини эсладим. Яна бир маҳал шошиб станцияга бораётганимизда ёққан оппоқ қор Алиманнинг рўмолига, пешона, сочига, ёқасига қўниб, унинг ҳуснига ҳусн қўшиб, чинакам гўзал қилиб кўрсатгани эсимга тушди. Сўнгра, менга қучоқ очиб югуриб: «Энажоним-эй! Есирмиз, бирдек, есирмиз!»–деб бақиргани қулоғимга эшитилгандек бўлди. Яна бир маҳал қизғалдоққа тўлган минг далада қора рўмолли Алиманнинг катта йўл томонга чопиб кетгани эсимга тушди. Қўйчи, шуларни ўйлаб ётиб, энг охирида бояги улоқчи чўпон билан қўй ҳайдашиб, эргашиб кетаётгани кўз олдимга келди. «Хайр, энажон! Ёмон кўрма, кетганим шу. Хайр энди энажоним-эй!»–деса орқасидан қўл силтаб жар ёқалаб югуриб: «Хайр, чироғим! Хайр, гул суйган келиним, хайр пешонамга сиғмаган юлдузим! Омон бўл, бахтинг очилсин, умринг кўкарсин. Омон бўл, хайр-хўш! Ҳой, йигит боламни хор қилма! Қарғайман, қарғишим уради-я»–деб ётдим. Кўзимга ёш тўлиб, иссиққина бўлиб, юзларимдан юмалаб ёстиққа томиб ётди. Йиғлаганимни Алиман билиб қолмасин деб илож борича ўзимни босиб ётдим.
Эртаси куни ҳам Алиман ҳеч қаёққа чиқмади. Шундан кейин ҳалиги чўпон кўринмай қолди. Қўйини ҳайдаб кетиб қолган бўлса керак. Алиманнинг бўзарган юзини кўриб қаттиқ койиндим. Кўнгли бўлса кетавермайдими, менга қайишганидан нима фойда! Анчагача ўйланиб юриб, кейин бу иш ёддан чиқиб кетгандек бўлди.
Шундан сўнг эрта кўкламда бояги чўпон яна пайдо бўлди. Қўйини боқиб катта сойда юрганини сиртдан пайқаб қолдим. Ўша кунлари Алиман кеч кирари билан кетиб, эл-юрт ётгунча ташқарида юрарди. Мен нима ҳам дердим. Ўзи билади-да. Тўғриси, нима қилишим, нима ҳам дейишим керак эди, айтчи, жоним туташган далам? Эсингдами ўша шовқинли тун, эртаси куни олдингга келиб йиғлаганим...
– Тўхта, Тўлғаной. Сен у тунни шовқинли деб айтма. У туннинг яхши томони ҳам, ёмон томони ҳам бор. Жон яралган тунга тил тегизма, Тўлғаной.
– Сўзимни қайтариб олдим, она-Ерим, куйгандан айтган гапим-да бу. Куймай иложим қанча – ўша кеча Алиманни узоқ кутиб ўтирдим. Овулда ҳамма ётса ҳам, мен иима учундир чироқ ўчирмай, ниманидир гумон қилиб, нимадандир қўрқиб, деразага тикилиб, шитир этган товушга қулоқ осиб, кўз юммай ўтирдим. Ойдин тун бўлиб, у ер-бу ерда булут сузиб юрса ҳам, баҳор ҳавоси тинч эди. Бир уйда ёлғиз ўзим ўтирганимдан, баданим учганидан кўрпага ўрандим. Ярим кечага бориб кўзим илинган экан, тақиллаган товушдан чўчиб уйғониб, бошимни кўтариб қарасам, Алиман кириб келаётган экан. Маст, ғирт маст. Кўйлагининг ёқаси йиртилиб, осилиб тушган, баданлари кўриниб, сочлари бетларига тўзғиб тушган. Кўзлари бир жойда турмайди. Алиманнинг маст бўлишини умримда биринчи кўришим. Нима дейишимни билмай, ўрнимдан туришга ҳам ҳолим қолмади. Алиман бўсағадан аранг ҳатлаб кирди-да, йиқилиб кетай деб бориб печга суяниб қолди. Кейин печни ушлаган бўйича жавдираб туриб: «Ҳа!»–деб хунук кулимсиради. «Нимага қарайсиз?»–деди у бошини  чайқаб. «Нега қарайсиз менга? Ҳа, мен мастман. Ҳа, мен мастман. Ҳа, мен ароқ ичдим. Ичмай нима қиламан? Мен ичмасам ким ичади-а? Нега индамайсиз? Менинг турқумдан қўрқаяпсизми?..»
Мен индаёлмадим. Келинимнинг шундай аҳволга тушиб қолганидан юрагим сиқилиб ўлаёздим. Алиман яна бир оз довдираб, бошини саланглатиб турдида, бир пайт шивирлади: «Эна, сиз ҳеч нимани билмайсиз. А, мен бўлсам... Мен... Мен бугун... Қосим аскарга жўнар куни кечқурун катта сойга бирга бормадикми... Ҳаммаси худди ўша ерда...»–деб гапириб туриб сочини икки қўллаб чангаллади: «Мен ит бўлдим, эна, энажоним!»–деган қичқириқ юрагидан отилиб, ўзи кигизга юз тубан қулади, қуладида, бошини ерга уриб ҳўнграб йиғлай бошлади. Ўрнимдан ирғиб туриб, қушдек учиб бордим ёнига. Бошини кўтариб кўкрагимга босдим: «Йиғламагин, Алиман, йиғламагин. Нима бўлди сенга, қани айтчи? Хафа бўлдингми? Ё биров бир нарса дедими сенга? Айтчи. Ё мендан хафа бўлдингми, хафа бўлган бўлсанг айт, сақлаган сирларингни барини айт, эшитай...» «Йўқ, йўқ, эна, энажоним, бечорагинам, ёлғизим, ҳеч нимани билмайсиз-да, билганда ҳам қўлингиздан нима келар эди. Лаънатлар бўлсин ўшанга!»–деб қандайдир бир ўзига хос дард-аламини тортиб, ўзини тўхтатолмай, мени қучоқлаб олиб, хўрсиниб-хўрсиниб йиғлайверди, узоқ бўзлади. Ундан кейин бир оз тинчиди-да, уйқуга кетди. Мен ухлаёлмадим. «Нима бўлди келинимга? Нима қилдим энди?»–деб аранг тонг оттирдим.
Эртаси куни Алиман ўрнидан турганда, уялиб менга қарай олмади, гапиргани ҳам йўқ. Ишга чиқиб кетаётганимиздагина: «Мени кечиринг, эна»–деди оҳиста.
Шу билан орадан икки-уч ой ўтиб, ёзда ҳалиги қочқинчи Жекшенқулнинг тергови бўлди – урушдан кейин элга қовушолмай уйига яширинча келиб-кетиб юрган экан. Бироқ четда юрганида ҳам тинч юрмай, олиб-сотарлик қилиб, қўй ўғирлаб, қўлга тушиб қолибди. Терговда унинг илгариги қилмишлари очилиб қолиб, бизнинг овулга сўроқ қилишга олиб келишган экан. Қишлоқ Маслаҳатининг одами мени ҳам гувоҳ бўласан, деб келибди. Кўчада кетаётсам, Алиман кетмон кўтариб ишдан келаётган экан. Секин юриб, элдан ажралган кишидек мунғайиб, ёлғиз ўзи келаётибди. Кўринишдан хафа, озиб, кўзи киртайиб қолибди. Ўша ёзда юзини ҳам доғ босиб кетган эди. Юрагим ачишиб кетди. Энди уйга бориб, тағин ёлғиз ўзи ўтирмасин, деган хаёл билан: «Юр, болам, идорага бирга бориб келамиз»–дедим. Шундай десам: «Йўқ, эна, у ерда нима бор менга. Бошим оғриб турибди, уйга борайин»–деди. «Майли,– дедим,– дам олиб ётиб тур, сигирни ўзим кутиб оламан».
Идоранинг ёнида ҳамма ёғи ёпилган машина турибди. Гувоҳликка чақирилган ва ишдан қайтаётиб бу ерга келган бир тўда кишилар очиқ деразанинг ёнидан гапга қулоқ солиб туришибди, мен ҳам ўшаларга қўшилиб турдим. Жекшенқулни кўрмаганимга анча йил бўлган, тўлишиб, семириб кетибди. Елкалари этга тўлиб, кўзлари қисилиб, олайиб ўтирган экан. Соғиб ўтирган ёлғиз сигирларимизни қўшга қўшиб, очдан ўлиб бораётганимизда, топган-тутганимизни қўлимиздан тортиб олган шу ит эмасмиди? Менинг Худо қўшган ёрим, болаларим фронтда қон кечиб жангда юрганда, бу лаънати ўзини элдан ортиқ тутиб қочиб юрмаганмиди? Энди бўлса овулдаги оқсоқоллар билан айтишмагани қолибди. «Шу ҳам гап бўлдими, фронтда ўлганларнинг ўз ажали ўзи билан, менга уларнинг нима алоқаси бор?– дейди.– Ўғри дейсизлар, кўзларингиз билан кўриб, қўлларингиз билан тутиб олганларингиз йўқ. Минг гапиринглар – ҳаммаси қуруқ сўз. Далил керак».
Буни эшитганда қоним қайнаб кетди: «Жонингни сотма, имонсиз! Далил керакми сенга, мен далил!»–деб деразадан туриб қичқирдим. «Опа, ичкарига киринг. Бу ёққа кириб гапиринг»–деди ўрнидан туриб терговчи. Кириб бордим-да, ҳаммасини айтиб бердим. «Ҳа, биз сени қўлимиз билан тутиб олганимиз йўқ, сенинг орқангдан тушиб ушлашга вақтимиз ҳам бўлганмас. Биз у вақтда ер тирмалаб фронтга нон берганмиз, биз унда машоқ териб болаларни боққанмиз. Сен эса унда қўшга боғланган отларни ҳайдаб кетиб, элнинг битта доналаб йиғган уруғини олиб қочиб, бола-чақаларнинг насибасини қуритиб, қўл солгансан. Демак, сен шу билан фронтдаги солдатларнинг қўлидаги нонини тортиб олгансан, орқангдан етиб бориб: «Тўхта! Мен биламан сени, Жекшенқул. Тўхта!» деганимда, қайрила солиб, мени отгансан!»–деб юракда қайнаган сўзларимни барини айтавердим. Шунда, айт, тортинмай айтавер, дегандек, Ойша қўшнимнинг бўзарган юзидаин оққан қатор-қатор ёш, ўша мунчоқ кўз ёшларидек бўлиб милтиллаган осмондаги сомон йўли кўз олдимга келиб турди. «Далил деб ҳийла қилиб қутулсанг, қутулиб кетарсан, лекин билиб қўйгин, эл-юртнинг мушкулидан ўзингни четга олиб, унинг ўлим-етимида баравар қайғу чекмаганинг учун одам сонидан чиқиб, умринг якка моховликда ўтади. Сенга далил ҳам, жазо ҳам шу»–дедим.
Мен гапириб бўлганимдан кейин терговчи: «Раҳмат сизга, она. Энди бўшсиз, уйингизга бораверинг»–деди.
Идорадан келаётсам Жекшенқулнинг хотини эшикни тўсиб олди. Жин теккандек ўзини уриб қичқирди: «Ўлигингни кўрай, қоқбош. Виждоним соф деб нима яхшилик кўрдинг. Сен тоза, виждонинг соф экан, келинингнинг қорнидагига нима дейсан? У қаёқдан бўлган? Уйингда бўлаётган шармандаликни кўрмай, нима қилиб юрибсан? Шармандалар!?»
Юрагим «шув» этиб, жунжикиб кетди. Ҳа, ҳа, бу хотиннинг айтганлари тўғри эмасми? Кўпдан бери ўйлаб, гумон қилиб юрган нарсаларим шу заҳоти очиқ-ойдин бўлиб қолди. Шунда эшикда турган кишилар: «Овозингни ўчир, ўласан» дейишиб, Жекшенқулнинг хотинига ҳамла қилиб қолишди. «Тегманглар, унга қўл тегизманглар»–деб индамай жўнаб кетдим.
Кўчада келаётиб, турли ўй-хаёлларга берилдим. Бундай бўлишини ўйламаган эдим. Кейинги кезларда Алиман қандайдир ўзини халқдан четга тортгандек, феъл-атвори ҳам ўзгариб, бегона одамдек, гапирмай, кулмай қолганига мен шунчаки хафа бўлиб юрган бўлса керак, деб ўйлардим. Ҳалиги чўпон йигит кўнглига ўтирмай, келишолмай қолишган бўлишса керак, деб гумон қилардим. У, ўшанда кўринмай тоққа кетиб қолган эди. УНИ иккинчи ҳеч ким кўрмади. Кейин билсам, иш бошқача экан. Афсус, афсус... Бундай бўлишини ким билган эди. Энди қандай бўларкин деб ўйлайвериб, қаддим дол бўлди.
– Ҳа, Тўлғаной, сен ўшанда менга келиб, энди нима қиламан, деб сирингни айтган эдинг.
– Сенга айтмай, кимга ҳам айтардим. Жоним туташган, деҳқон далам, муштдайлигимдан бошлаб, шу қариган чоғимгача сенинг ҳароратинг билан, сенинг куч-қувватинг билан ҳаётда қанчадан-қанча довон ошиб яшаб келяпман. Нима қилайин, десам, сен ўшанда: «Ўйлаб кўр, Тўлғаной, чуқурроқ ўйлаб кўр. Кўнглингни кенг қил, узоқни кўзлаб иш тутгин. Номус қилиб юриш билан иш битмайди, ақлсизлик қилма»–деган эдинг.
Бу менигина эмас, балки бошқаларни ҳам ўйлантирганидан мамнунман. Ичган сувимиз бир, кўрган кунимиз бир, тақдиримиз ҳам бир бўлган замондош овулдошларимнинг кенг феълига раҳмат айтиб, таъзим қиламан. Ўша воқеанинг эртасига Ойша қўшним уйига чойга чақириб, сўз орасида уни-буни гапириб: «Ҳалиги Жекшенқулнинг хотини кечаси кўчиб кетибди»–деди. Индамадим. Кўчса ҳар кимнинг ўз ихтиёри. Кейин орадан анча вақт ўтгандан кейин билсам, у ўзи эмас, ўша кечаси, бутун эл тўпланиб келиб: «Бизнинг овулдан чиқиб кет!»–деб аравага солиб, кўчириб юборишибди. Ўшандан кейин катта-кичикнинг биронтаси бу ҳақда гап-сўз қилмади. Балки, тенгқурлари Алиманнинг ўзига айтса айтгандир. Лекин менга ҳеч ким бу ҳақда гапиргани йўқ. Ўшандан бери қанча вақт ўтди, ҳали ҳам ҳамма ҳурмат қилади. Раҳмат, кўзим юмулгунча розиман. Агар илгариги замонлар бўлса, не-не аччиқ сўзларни юзимга солмасмиди, деб ўзимча ўйладим. Энди бўлса, бу урушнинг қанча азоб-уқубатини тортиб, тирик қолган ҳар бир одамнинг баҳоси, қадр-қиммати қанчалик мўътабар эканлигини, унинг кўнгли қанчалик ярим эканлигини, замонанинг катта сабоғини олган элнинг ўзи ҳам тушунди, Алиманнинг гуноҳини кечирди. Агарда улар Алиман иккаламиздан кулишса, ўзларидан кулган билан баробар эмасмиди. Дарвоқе, шундай бўларди. Майли, одамлар ҳар нима дейиши мумкин. Мол оласи сиртида, одам оласи ичида, дейишганку. Бировнинг оёғи сал тойиб кетса, бас, етади одамларга. Шундай одамлар ҳозир ҳам орамизда бор. Лекин аслини олганда, умуман олиб баҳо берганда, одамдай беғубор нарса йўқ, бунга аминман, бундан фахрланаман. Ўзимнинг бошимдан ўтдику булар, биласанку, она-Ер, ўша йили мен учун қандай машаққатли йил бўлди.
– Ҳа, Тўлғаной, сен ўша йили анчагина чўкиб қолдинг.
– Чўкканим ҳам майли-я, Алиманимни ҳозир ўйласам, ич-ичим ачишади. О, Худо-ей, Худо-ей, қаерда топиб, қаерда йўқотдим уни... Алиманнинг бўйида бўлиб қолганини билиб қолганимдан кейин, доим уни авайлашга тиришдим. Кўзга ташланиб қолган бўлса ҳам нима учундир, билмасликка солиб, гап-сўз қилиб юрмадик. Тирикчиликка доир ҳамма нарсани аввалгидек кенгашиб, бор-йўғимизни бирга баҳам кўриб юрдик. Бироқ, ҳалиги хусусда гап очишга ботинолмади. Мен унинг кўнглини оғритмайин дедим, у эса тўғридан-тўғри айтишга уялдими, хаёлида кетмоқчи бўлиб юриб, унгача мени қизартириб-бўзартириб юрмай, ҳаммасини кетиш олдида айтаман дедими, ҳар қалай, билолмасдим. Мен учун ўша кезларда буни билиш ҳам қийин эди. Ўзи лом-мим демагандан кейин нима ҳам дея олардим, қандай сўрай олардим. Қўққисдан сўраб қолсам, уйдан кетгин дегандек тушуниб, кетиб қолмасмикин, деб хавотирланардим. Соғ юрганда хўп-хўп эди, иккиқат бўлганда йўлингни топ деб бўлармиди. Йўқ, йўқ, Алиманимга бундай ёмонликни ҳеч қачон раво кўрмайман. Кўнглимда, мен уни айблаганим ҳам йўқ. Бутун нарсани ўз кўзим билан кўриб-билиб юрмабмидим. Алиманнинг бошига тушган кун – менинг ҳам бошимга тушган кун, у туққан бола – менинг ҳам болам, номус-орини, яхши-ёмонини, бори-йўғини бирдек баҳам кўраман, ўзимча шундай қарорга келганман. Алиман кетиб қолса, менсиз куни ўтмай қолармиди, ташлаб кетишга кўзи қиймай юриб, шундай маломатга дучор бўлишини билмабманми. Ихтиёрини ўзига қўйиб бердим. Эртами-кечми, ахири бир кун вақт-соати етганда келажак ҳақида очиқ-ойдин гаплашиб олармиз. Кўнглимизда шуни сақлаб юрдик. Шундай бўлса ҳам, бугун-эрта деб четга суриб келмадикми. У тугул Алиман кетиб ҳам қолди-ку. Бу ҳам мендан ўтди, менинг бепарволигимдан бўлди...
Ёз охирида, Алиманнинг бўйидаги ўшанда беш-олти ойлик кези эди, эрта билан молни подага қўшайин, деб кўчага ҳайдаб чиқдим. Подачи овози қўнғироқдек ўн икки-ўн уч ёшлардаги етим бола эди. Ўша куни у кўчанинг нариги бошидан алланималарни шанғиллаб қичқириб, олди туриб келаётган овулни бирдан уйғотиб юборди. У уйимизнинг яқинига келганда, сигирларни «хўш-хўшлаб» келаётиб: «Тўлған опа!–деб менга ҳам ялт этиб қаради.– Тўлған опа, суюнчи беринг! Жўрабек акамнинг келини кўзи ёриди, суюнчи беринг!»– деди.
«Э, айланайин, кўпайсин, кўпайсин. Қачон туғди?»
«Тонг маҳали».
«Ўғилми, қизми?»
«Қиз. Отини Тўрғай қўямиз, дейишди. Тўлған опа, тонг маҳали туғилган, тўрғай, дейишди».
«Жуда яхши бўлибди, болам. Умрини берсин»–дедим.
Бировнинг ёруғ дунёга келганига ўзича қувониб, шу катта қувончни ҳаммага бўлишиб, хабар қилиб юрган подачи боланинг сўзи меҳримни қўзғаб юборди. Қандайдир бир мусаффо илиқлик юрагимга тўпланиб келиб, дарвозадан кириб келаётганимда, юрсам ҳам, турсам ҳам доим дилимда турган нарсани қандай қилиб эсимдан чиқариб юборганимни билмайман: «Алиман, суюнчи! Жўрабекнинг келини туғибди. Эшитдингми? Ой-куни етиб юрганди, бечора, омон-эсон...»–деб гапириб келаётиб, Алиманни кўрганда мум тишлагандек бўлдим. Уйнинг деворига суяниб шалпайиб турган экан. Бошини аранг чайқаб, лабларини тишлаб бўзариб турган экан. «Мен туққанда ҳеч ким бунчалик суюнчи тортиб хабар қилмайди», деган ўйга борди шекилли, ким билсин, ўзимнинг гапимдан ўзим хижолат бўлиб, юзим қизариб, нима қиларимни билмай, гапиролмай қолиб, тандирнинг ёнига ўтирдим-да, индамай, тезак қалай бошладим. Юзимнинг қизаргани тарқаганда қайрилиб қарасам, Алиман ҳали ҳам ўша бўйича бўзариб турибди. Ҳушим учиб, нима қиларимни билмай: «Бирон еринг оғрияптими?»–дедим ёнига бориб. «Йўқ, эна, ўзим шундай»–деб қўйди - «Бирон еринг оғриса, уйга кириб ётсанг-чи, қийналмай». «Қийналаётганим йўқ. Тамаки баргини ипга тизишнинг нима қийинчилиги бор, борайин»–деб жуволдизларини қўлига олиб чиқиб кетди. Шундай бўлгандан кейин энди очиғини айтайин. «Тортинма, болам, уялма. Бунинг ҳеч қандай уяти йўқ, бу ҳам ҳаётнинг ажойиб бир томони. Кимнинг қандай туғилгани ҳам гап эканми, туғилганларнинг ҳаммаси бирдек, айирмаси йўқ. Дунёга келган ҳар бир нораста ҳамма одамзоднинг боласи, демак, бу менинг ҳам болам, сен туғсанг у менга бегона бўлмайди, ўз боламдек ардоқлаб боқарман. Шуни тушунгин. Кўнглингни ёзиб хурсанд бўлиб юргин»–деб илгаридан тайёрлаб қўйган сўзларимни айтайин деган ўй билан орқасидан югуриб кўчага чиқдим. «Ҳой, Алиман, тўхтаб тур. Бу ёққа қара»– десам, эшитмаганга солиб юриб кетаверди.
«Хафа бўлди шекилли», деган ўй кун бўйи ичимни тирнади. Аёллар билан тамаки юлиб юриб ҳаммасини бир-бир ўйлаб: «Майли энди, кечқурун айтайин, бундай юрншимиз яхши эмас»–деб ўзимни пишиқлаб олдим. Лекин бу ўй хаёлларимни айтиш насиб бўлмади. Кечқурун ишдан қайтиб уйга келсам, Алиман йўқ. Ана келади, мана келади, деб ўтириб юрагимни ваҳима босди. Нима фалокат бўлди экан. Кўчага чиқиб излайинчи, деган хаёл билан уйдан чиқиб бораётсам, экин тарафдан ўтин кўтариб Бектош келаётган экан. Бектош унда колхознинг аравасини шалдиратиб ҳайдайдиган йигит бўлиб қолган эди... У индамай келиб, ўтинни уйнинг орқасига ташладида, менга жавдираб қараб қўйди. «Тўлған опа, Алиман, мени энам изламасин, деб айтиб кетди. Қайиндидаги қариндошларимникига кетдим, деди».
Бўғин-бўғиним бўшашиб, бўсағага ўтирдим. «Қачон кетди?» «Боя. Тушдан кейин кўчадан машина ўтиб бораётган экан, ўшанга тушиб кетди». Ўз ёғимга ўзим қоврилиб ўтирсам, садағанг кетай Бектош: «Кабинкасига миниб кетди, опа. Сира қўрқманг, шофёри дуруст одам экан»–деб қўйди. Бектошни ўзим ҳам яхши кўрар эдим. Унга яна меҳрим ортди. «Ҳа, бечорагинам, одам бўлар экансан»–дедим ичимда.
Бола билинмай ўсаверар эканда, мана ҳозир эр етиб, эс-ҳушликкина, пешонаси ёруғ йигит бўлди. Кўзимга шундай кўринди. Бектош ариқдан сув олиб келиб, эшикнинг олдига сепди. «Даҳлизни супуриб-сидириб салқин қилиб қўяйин. Онам, сизнинг чойингизни соғиниб қолдим, дейди. Ҳозир келади»–деб ўзича куйманиб самовар қўйди.
Ойшалар узоқ ўтириб чой ичиб кетишди. Уйда ётолмадим. Осмондаги чамандек юлдузлар тонг отгунча чарақлаб, сўнг бирин-кетин сўнишиб, энг охири порлаб турган ёлғиз Чўлпон юлдузи қолиб, у ҳам аста-секин узоқлашиб, аллақаёққа ғойиб бўлди.
Алиман кетгандан кейинги кунларим қурсин. Бутунлай ёлғиз қолдим. Уч-тўрт кун эплаб, ўзимни юпатиб юрдим. Кейин чидай олмадим, шартта туриб қаёққадир бош олиб чиқиб кетмоқчи ҳам бўлдим. Алиманни кўришни эсласам, юрак-бағрим баттарроқ эзилади. Агар уни туғишганлари хушфеъллик билан кутиб олса – кўп яхши, бошида, менинг турмушимга аралашманглар, деб катта кетган эдинг, энди бизни йўқлаб келдингми, дейишса, шўрлик болам, бу хўрликка қандай чидай олар экан. Хаёлига алланималар келиб, шундай қилиб яшагандан кўра ўлсам бўлмайдими, деб ҳаётдан безиб юрмаса эди. Ёнимда бўлганда ҳеч кимга хўрлатмас эдим-а. Қандай қилиб кетиб қолди экан, бу ҳам шўрим-да. Нима бўлса ҳам борайин, ўз кўзим билан кўрайин. Борсам балки мен билан қайтиб келар. Шундай қилса экан, Худоё, шундай қилса экан. Бормайман, қоламан, деса – буни ҳам билайин, нима қилардим, розилигимни айтиб, оқ фотиҳа бериб қайтиб келардим. Кийим-кечагини ҳам олиб кетмади, уларни ҳам элтиб берайин. Келса-келмаса ҳам айтар сўзимни айтишим керак. Бурчим эмасми. Вой, кўп кечикмай жўнайин, деб эртаси уйни-жойни Ойшага тайинлаб, йўлга чиқдим.
Қайинди томонга бораётган машинани Бектош тўхтатиб берди. Шу машинага тушиб овулдан сал узайган эдим, сўқмоқ йўл билан нариги даладан пиёда юриб келаётган бир аёлни кўриб қолдим. Дарров танидим – Алиман экан! Худди ўша, бўйгинангдан ўргилай, қайтиб келаётган экан. Шу заҳотиёқ ўрнимдан ирғиб туриб, машинани дукиллатиб ура бошладим. «Тўхтат! Тўхтат, мен ҳозироқ тушаман!»–дедим. Машина бир оз юриб бориб тўхтагандан сўнг, хуржунимни олиб, шошиб ундан тушдим. Шу орада уюлган қуюқ чанг етиб келиб, кўзимга ҳеч нима кўринмай қолди. Бояги кўрганим ўнгимми, тушимми деб таажжубланиб туриб қолдим. Каттакон машинанинг орқасидан тушиб, юрагим қинидан чиқиб кетгудек бўлдида: «Алиман!»–деб қаттиқ қичқирдим. Оҳ, айланайин деҳқон далам, ўзинг кўрмаганмидинг, бу воқеа ҳам ўшанда бўлмаганмиди?
– Ҳа, Тўлғаной, ўшанда, ҳу, ана шу йўлда бўлган эди. Сен: «Алиман!» деб қичқирганингда, Алиман ялт этиб қараб, сени кўриб қолдида, сўнг: «Эна! Энажоним!»–деб сен томонга югурди. Сен ўшанда эсинг чиқиб: «Югурма, болам, югурма, айланай, йиқиласан!»– деб ёлвориб келаётиб, ўзинг йиқилиб тушиб, яна ирғиб туриб чопиб кетдинг.
– Ҳа, ҳа, худди ўшандай бўлган эди. Қандай етиб борганимни билмайман. Алиман икковимиз қучоқлашиб кўришдик. Роса соғиниб қолган эканмиз: «Келдингми, келдингми, болам, энангга қайтиб келдингми?»–десам: «Келдим, энажон, келдим. Ўзингизга қайтиб келдим»–деди. Худди шу маҳалда Алиманнинг қорнидаги боласи қўзғалиб «билқ-билқ» этиб икки-уч марта тепиб қўйди. Уни икковимиз ҳам бирдек сезиб қолдик. Алиман қорнини ушлаб оҳиста силаб менга қаради. Унинг шу кўз қараши бутун вужудимни вайрон қилиб юборди. Мен ҳам баъзан бир нимани гумон қилиб, ичимдан куйиниб юрган эканман-да! Қандайдир бир дақиқалик вақт ичида ҳаётнинг энг бир бахтли, энг бир тотли дамларини бошидан ўтказиб тургандек Алиманнинг қувноқ юзлари меҳримни ўзига тортиб, киприкларига илинган мунчоқ-мунчоқ ёш доналари юзларига юмалаб тушди. Оҳ, муқаддас эналиг-эй! Гўё кўз ёшлари ҳаётдаги ҳамма азоб-уқубатларни ювиб юбораётгандек! «Кўзингдан айланайин, боқишингдан айланайин!»–деб бет бошимни силаб, ялиниб-ёлвориб, ҳиқиллаб йиғлаб юбордим. Шундай қилсам: «йиғламанг, эна,– деб мени юпатди.– Кечиринг мени, кечиринг. Сизни ташлаб кетолмас эканман. Чидолмадим, кўнглим бўлмади».
Кўпдан бери айтаман деб юрган гапимни энди айтайин, пайти келиб қолди: «Нима учун кетдинг, хафа бўлдингми?»–дедим. Алиман индамай туриб қолдида: «Сўраманг, эна. Сўраб нима қиласиз, менга ҳеч нима деманг, мен ҳам сизга ҳеч нима демайин. Қийнаманг мени, энажоним, қийнаманг?»–деди.
Шундай қилиб, бу сафар ҳам айтолмадим. Яна нима учундир ҳар қачон айтар гапимни сезиб тургандек сўзлашишдан қочиб, ўзини шундай тортиб туриб олмадими бояқиш болам. Бор гапни ўртага ташласа ўзига ҳам, менга ҳам енгилроқ бўлмасмиди. Эсингдадир, она-Ерим, ўша йили куз узоқ чўзилиб, сўнгги кунлари серёғин бўлмадими. Ҳаво бир очилиб, бир тутилиб, изиллаган совуқ кўп вақт уйдан чиқармай қўйди. Куз ҳавоси каби кун сайин Алиманнинг қовоғи ҳам уюлиб, гаплашмайдиган, кулмайдиган бўлиб қолди. Ўзича ташвиш тортиб ўтиргани ўтирган. Чамамда, ой-куни ҳам яқинлашиб қолган эди. Ғамга чўкиб қолмасин, деб қўлимдан келганича эркалатиб, ҳазил-ҳузул гапириб, у қилган, бу қилган бўламан. Бироқ ёш бола бўлгандан кейин қийин экан. Менгина эмас, бошқалар ҳам бунга уриниб кўришибди.
Бектош, онам тумовланиб ётиб қолди, деган эди. Ойшани кўрайинчи деб борсам, иситмаси чиқиб, йўталиб ётган экан. «Ўзингку яримжон одам эдинг, жимгина ўтирмай, овул айланиб юрдинг»–десам, астагина жилмайиб кулиб қўйди. Бундан икки-уч кун бурун уч-тўртта аёл бўлиб Бектошнинг аравасига тушиб нариги овулга тўйга бориб келишган эди. Билсам, иш бошқача экан. «Иссиқроқ ўраниб, яхши бўлиб кетгин»–деб ўрнимдан тураётсам, Ойша: «Тўхтаб турчи, Тўлғаной, хафа бўлмасанг айтадиган бир оғиз гапим бор эди»–деди. «Айтавер»–дедим.
«Қуйи овулга биз тўйга борганимиз йўқ, унда менинг қариндош-уруғим ҳам йўқ. Буни ўзинг ҳам биласан. Сендан яшириб бир иш қилган эдим. Тўлғаной, кечиргин,– деди.– Ҳалиги чўпон йигитни топиб, ўртага олдик. Алиманнинг ой куни етиб турибди, унинг увол-савобини ким кўтаради, десак, бари бир ҳеч нима чиқмади. У ўзи аёлманд экан, иккинчидан, виждонини ютиб, мен унингни кўрган эмасман, билган эмасман, деб тониб турибди. Хотини ҳам бир шаллақи экан, сезиб қолиб, бетга чопиб, итдек шармандамизни чиқарди. Қайтиб келаётганимизда йўл бўйи ёмғир ёғиб, кечки совуқ туриб қолди. Буниси ҳам майли-я, Алиман энди нима қилади?»–деб, Ойша юзини тўсиб йиғлаб юборди. «Йиғлама, мен турганда Алиман хор бўлмайди»–деб чиқиб кетдим. Бошқа нима ҳам дер эдим.
Алиманни эти-боши оғриб қолдими, деб ҳадиксираб, кейинги кунларда кўзимни узмай, унинг ёнидан сира жилмай юрдим. Бирдан эшикка чиқиб кетса ҳам, орқасидан эргашиб: «Э-э, Алиман, қаёқда юрибсан?»–деб шошиб қоламан. Тўлғоқ тутиб қолмасин, дейман-да, бўлмасам, мен шўрликнинг бошқа нима ишим ҳам бор эди.
Бир куни у иссиқ кийиниб олиб, эшикка чиқиб кетаётган эди: «Қаёққа кетяпсан, болам?»–дедим. «Катта сувга бораман»–деди. «Э бўтам, кун бундай бўлиб турса, энтикиб қандай борасан. Уйгинада ўтирсангчи. Сувда нима бор дейсан. Ё ёз куни бўлмаса»–дедим. «Йўқ, бораман»–деди. «Унда мен ҳам бирга бораман, ёлғиз юбормайман»–десам, жаҳли чиқиб кетди. Кўпдан бери аччиқланиб юрганининг қусурини чиқарди: «Нима учун менга эргашиб, қадам-бақадам пойлаб қолдингиз. Нимангиз бор менда. Мени ўз ҳолимга қўйсангизчи. Ўлади дейсизми, ўлмайман, ўлмайман!»–деб эшикни тарс ёпиб чиқиб кетди. Тумшайиб ўтириб қолдим. Сўзи оғир ботди. Қаттиқ хафа бўлдим. Шундай бўлса ҳам кўнглим тинчимади. Икки-уч марта эшикка чиқиб қарадим, сувга кетган бўйича кўринмасди.
Кўзга илинмаган майда ёмғир савалаб, шамол оқ парқу булутларни ағдар тўнтар қилиб ҳайдарди. Дов-дарахтнинг танаси, бутоқлари совуқдан қорайиб кетибди. Элнинг бари уй-уйида, ҳеч кимса йўқ, қишлоқ ичи эгасиздек жимжит. Юзларига чиммат тутгандек тоғ чўққилари ғира-шира кўриниб турарди.
Ёмон кўрса кўрсин, орқасидан борайин, тўлғоғи тутиб зах ерга ётиб қолмасин, деб томорқанинг этагига етиб борганимда Алиман кўринди. Бошини қуйи солиб оғир юриб келаётган экан. Орқамга дарров қайтиб келдимда, чой қайнатиб, тухум солиб, қуймоқ қилдим. Сақлаб қўйилган олмалардан танлаб, қизилларини дастурхонга қўйдим. Алиман кириб келдида, дастурхонни кўриб, индамай кулимсиради. «Кечикиб кетдингку, болам. Энди ўтириб чой ичгин»–дедим. «Кўнглим ҳеч нимани тортмай турибди, эна. Олмадан биттасини берингчи, ўшани еяйин»–деди. «Нима бўлди сенга, Алиман? Ёки бирон еринг оғрияптими?»–десам, лабини тишлаб: «Сўраманг, эна, кўнглим ҳеч ннмани тусамай турибди. Боя сизга қаттиқ гапириб қўйдим. Мени ўз ҳолимга қўйинг»–деб қўл силтаб қўйди.
Яна кеч бўлиб, тун кириб келди. Тўшакка ётганимда, менинг сўзим ҳам унга ёқмай қолибди-ку, деб ичимдан ўксиниб, ётиб ухлаб қолибман. Бошқа вақтда узоқ тун бўйи тез-тез уйғониб, Алиман томонга қараб қўярдим. Бу кеча нима бало бўлиб ухлаб қолганимни билмай қолибман. Ухламай кўзим ўйилса-чи...
Туннинг қайси вақти эканини билмайман, бирдан уйғониб кетдимда, Алиманга қарадим. Ўрнида йўқ. Эшикка чиқиб кетгандир, деб бир оз кутдим, яна кутдим. Йўқ. Тура солиб, Алиманнинг тўшагини ушлаб кўрдим: муздек, қачонлардир туриб кетган. Дарров уни-буни кийина солиб, эшикка отилиб чиқдим. Ҳовлининг ичини айланиб қараб, кўчага чопиб чиқиб, ундан томорқа томонга ўтдим. «Алиман! Алиман!»–деб қичқирсам ҳам, ҳеч ким йўқ. Итларгина ҳуриб қўйишди. Бўғинларим бўшашиб кетди. Кетган эканку, энди нима қилсам экан-а? Уйга қайтиб чопиб келиб, даҳлиздаги фонусни ёқиб, бурчак-бурчакларни қараб, энди эшикни излайин деб фонусни кўтариб ҳовлига чиққанимда, нариги саройдаги сомонхонанинг ичидан одамнинг инграган, қичқирган товуши эшитилди. Сомонхонанинг эшигини тез очиб кириб бориб, серрайиб туриб қолдим. Сомоннинг устига чалқанча тушган Алиман туға олмай қийналиб ётган экан, кўрибоқ, эсим чиқиб кетди. «Бу ниманг, вой тушмагур! Нима учун айтмадинг?»–деб қўлтиқлаб кўтарай деб оёғига қўлимни теккизганимда, билчиллаб қонга ботган чопон, кўйлаклар иссиқ бўлиб билагимга урилди. Юзлари кўкариб, кўзлари олайиб нафас ололмай ҳиқиллаб: «Ўлдим! Ўлдим!»–деб инқиллаб ётибди. Қорнини ушлаб кўриб иш чатоқ эканини дарҳол тушундим. Худонинг ўзи сақласин, қон кўп кетиб қолибди. Ўзи ҳам анчадан бери тўлғоқ тутиб ётган экан. Бундай вақтда дўхтирдан бошқа даво йўқ, жонини олиб қолса ўша олиб қолади.
Тентираклаб кўчага чопиб чиқиб, Ойшаларнинг деразасини муштлаб юбордим: «Туринглар, вой, туринглар! Бектош, айланайин, аравангни тезда тайёрла, Алиманни дўхтирга олиб бормасак бўлмай қолди»–деб уларни уйғотиб қайтиб чопиб келиб, Алиманга сув ичирдим. Қалт-қалт этиб, тиши тишига тегмай, аранг ичди. Унгача тўшакда касал ётган Ойша чопиб келди. Алиманнинг афтини кўриб, бўздек оқариб, титраб: «Айланайин, Алиман, чидаб тур. Чидаб тур, эй Худо, Худо!»–деб куюнди. Ўша кечаси Бектош ишдан кеч қайтиб, Худо ярлақаб, отларини бостирмага боғлаб, аравасини уйга киритиб қўйган экан. Кўп ўтмай аравани ҳовлига ҳайдаб кирди. Аравага кўрпа-тўшак солиб, ёстиқ қўйиб, қоронғида тимирскиланиб уч киши бўлиб Алиманни зўрға кўтариб ётқиздик. Шу билан у-буга қарамай тез жўнайвердик.
Оҳ, ўшандаги йўл азоби-ей, оҳ, ўшандаги қоронғи тун-эй... Дўхтирхона у вақтда сувнинг нариги бўйида, катта қишлоқда эмасмиди. Кўприк бўлса ҳов пастда, анча йироқда эди.
Уйдан чиққанимиздан Алиманнинг тўлғоғи қайта кучайиб, беш букилиб, беш ёзилиб, устидаги ёпинчиқларини ирғитиб, одам чидай олмайдиган товуш билан чинқирарди.
– Ҳа, Тўлғаной, ўша қоронғн, изғирин тунда қиш келишини кутиб жунжикиб, совуқдан қалтираб ётган эдим, одамнинг қаттиқ чинқирган ягона товушидан сесканиб қўзғалдим. Ўша сизлар экансизлар-ку.
– Ҳа, она-Ерим, мен шунда нима қилишимни билмай шошиб қолдим. Бектош аравани тезроқ ҳайдаса, Алиман чидамай қичқиради, секинроқ ҳайдаса, сабр чидамасди: қон тўхтамай кетаверди, майиб бўлиб қоладику, деб менда жон қолмади. Шу зайлда ғилдираб боравердик. Бундай йўл бир текисроқ бўлсачи, айланай. Алиманнинг бошини тиззамга қўйиб, бўйнидан қучоқлаб ўтирдим. Гоҳ ёпинчиқларини ўнглайман, гоҳ фонусни юзига тутиб қарайман. Бектош айланайин, қайта-қайта қайрилиб: «Чидаб тур, янга, мана етамиз»–деб овутмоқчи бўлади. Муздек ёмғир савалай бошлади. Бир вақт инқиллаб қичқириб ётган Алиман чираниб, қайта букланиб, бақириб, қичқира бошлади. «Алиман! Алиман!»–деб чўғдек юзларини сийпалаб, ёриққа тутсам, жон талашган, қийналган кўзлари билан менга аянчли бир ҳолда, тикилиб: «Тўхтанглар. Ўляпман. Тўхтанглар»–деди. Аравани тўхтатдик.
«Бошимни қаттиқроқ босинг, эна»–деб энтикиб йиғлаб гапирди. «Эна, энажоним! Ичим куйиб, ўлиб боряпман, тирик қолмайман. Хосиятингиздан айланайин энажоним, у дунё, бу дунё розиман сиздан. Ўғлингиз қаршисида мен оқман, гуноҳим йўқ. Қосимнинг кўзи тирик турганда мен шундай бўлармидим... А-а-а, Қосим-эй... Мен ҳам жони бор одам эмасманми, аёлманда... Бу дунёнинг роҳатини кўрмай кетдим, қандай қилайин, қандай қилайин. Кечиринг, кечиринг, энажон, ёмон кўрманг». Бағрим эзилиб ялиндим: «Чидаб тур, болам, чидагин, сен поксан, сенда гуноҳ йўқ. Сен ҳалол аёлсан. Сен ўлмайсан. Чидагин, мана кўприкка етиб олдик. Энди тез етамиз, сен ўлмайсан!»
Ўша маҳалда Алиман яна чалқанча ётиб, кучаниб, қорни яна сиқила бошлади. Боланинг қўли чиқиб келаётган экан. Қон ҳали ҳам кетиб турибди. Бир оз вақт ўтса ўлиб қолишига кўзим етиб: «Бектош, қўлтиғидан юқори кўтариб, қорнини сиқ,– дедим.– Уялма, кўтар тезроқ!»
Боядан бери йиғлаб ўтирган Бектош ирғиб туриб, Алиманни кўтариб, қорнини босганда, боланинг қўлидан ушлаб тортдим. Бола чиқмаётганди. Алиман бир ёқда қичқириб жон талашиб ётса, тавба, қулоғимни тиндириб, тағин ўша эшелон: бир-бирига улашган икки паровоз олиб учган вагонлар миямни қоқ ёриб ўтиб бораётгандек туюлди... «Она-а, Алима-ан!»–деб шамол олиб қочган ҳайқириқ товушга чақалоқнинг «Ингга-а!» деган товуши қўшилди... Эҳ, ҳаёт-эй, нега бунча бераҳм бўлдинг, нега бунча кўр бўлдинг?
Бола ҳам тушди. Алиманнинг жони ҳам чиқа бошлади. Қип-қизил этни этагимга нари бери ўрай солиб қарасам, Бектош қўлтиғидан олиб кўтарган бўйича, Алиманнинг бир оёғи қийшайиб, қўллари саланглаб қолибди. «Вой, Алиман!»– деб томирини ушлаб кўрсам, жон йўқ, чиқиб бўпди... Ҳайқирган шамолни ёриб эшелоннинг шақ шақ урган овози қулоғимдан ҳеч вақт кетмайди... Дунёга келган заҳоти «Инг-га-а!» деб қичқирган бола биринчи тўнғич товушила ўлиб бораётган онаси билан хўшлашаётгандек йиғлар эди... Алиманнииг кўзи музлаб олайиб қолди. Нима қилишимни билмай қолдим. Бир вақтнинг ўзида бирини узатиб, бирини кутиб олдим. Бир вақтнинг ўзида бири ўлиб, бири туғилиб, кўз олдимда ажал билан ҳаётнинг тўқнашгани эсимни оғдирди. Ундан кейин ўзим ҳам нима бўлганини билмайман...
– Сизларнинг товушингизни мен эшитдим, Тўлғаной. «Алиман! Айланайин қароғим! Кўзингни оч! Кўзингни оч!»–деб сен зор қақшаб ётдинг. Янги туғилган чақалоқ кўлнинг қирғоғида ёлғиз қолган ўрдак боласидек бўзлаб, кўкрак сўраётганга ўхшарди. Бу тонгга яқин ёмғир қорга айланиб ёға бошлагандек бўлди.
– Ҳа, кўприкка етмасданоқ орқага қайтиб келаётганимизда тонг ёришди. Бўзарган осмоннинг бети зангори тусга кириб, ғира-шира ёруғда юмшоққина оппоқ қор сепкилаб ёғиб турарди. Теварак-атрофда на биронта жон кўринар ва на биронта товуш эшитиларди. Дунё бир текисда сукунатга чўмган эди. Табиатнинг ўша ҳорғин ҳолатини бузиб, ёлғиз бизнинг арава келарди. Бектош аравада ўтирган жойида бошини қуйи солиб, йўл бўйи ҳиқиллаб йиғлаб келди. Отлар аранг босиб, ёлига, қуйруғига қор ёпишиб, аравани тортолмай чарчаб, аранг келишарди. Болани чопонимга ўраб, мен араванинг ёнида пиёда келардим.
Шундай қилиб, уруш энг охирги ўчини олиб тинчиди. Ўша кунги босилган йўл – ҳаётимдаги энг оғир йўл бўлди. «Тфу, сенинг бетингга, дунё!– дедим. –Кечдим сендан, кечдим. Яшашни истамайман! Бундай қилиб яшагандан кўра, бугуноҳ ўлганим бўлсин!»–деб ниятим бузилиб, ҳаётдан безиб келавердим. Мен шундай келаётганимда, чопонимдаги бола, тирик жон-да, бир қимирлаб, бир овоз чиқариб, бир ингалаб йиғлаб келарди. Унинг танаси борган сари қалбимни иситиб, юрагимга яқинлаша борди. Ўғилми, қизми, ҳали билганим йўқ. Оббо бечора-ей, ҳадеганда онангни йўқлаб қолдинг-ку, деб ундан баттар уввос тортиб йиғладим. Ўша қайғули, изтиробли йиғининг орасида қандайдир ғалати бир фикр туғилди: «Умр тап-тақир тугаб қолмабдику. Орқасидан кичкинагина тирик жон қолибдику. Ҳаёт билан яна бир марта беллашиб кўрсак қандай бўларкин?» Бироздан кейин яна ўйладим: «Она сутини тотмаган гўдак одам бўлади дейсанми. Қанча ҳам яшай оларди»–деб гумон қилдим. Унга ҳам кўнмай: «Худо-ей, энди шу норастанинг умрини бер!»–деб тилайман. Қўйчи, шундай ҳар хил ўй-фикрлар билан олишиб оппоқ тонг отганда овулга етиб келдик. Уккининг патидек юмшоқ қор учқунлари бирини бири қувишиб ҳавода айланмачоқ ўйнаб ёғиб турарди.
Овулга кираверишдаги ҳали янги кўча деганимиз кўзимга аллақандай совуқ, аянчли бўлиб кўринди ўшанда. Уй-жой солиб, боғ-роғ қилиб, оз-моз чорва кўпайтирамиз, кун кўрамиз деганларнинг бундан етти йил бурун бошлаган ишлари олға босмай, орқага кетиб, меҳнатларнинг изигина қолган эди. Қўнқайган харобаларни оққурай, тиканаклар ғовлаб босиб кетганди. Қор ёғиб, уларнинг кемтик-семтигини яшириб ётарди. Қосимларнинг чарбоғига қарасам, Алиман икковининг орзу-тилакларига ўрнатилган ҳайкалдек уюлган тош тепа, аллақачон тупроққа айланиб кетган ғиштларнинг унутилиб ётгани юрак-бағримни эзиб юборди. А-а, қароғларим, орзуларингга етмай қолдиларингку, деб аравада ётган Алиманнинг афтига қарасам, юзи оппоқ бўлиб, дунёнинг ҳамма яхши-ёмонига рози бўлгандек тинчиб, кўзи юмилган. Юзига тушган қор эримай, арава қимирлаганда сидирилиб тушиб турди.
Кўчага кириб келган эканмиз... Айланайин Бектош йигитлардек аравадан сакраб тушдида, умрида биринчи марта йиғи бошлаб: «Жигарим-эй! Жигарим эй!»–деб бутун овулни бошига кўтариб юборди. Ҳар тарафдан эл югуриб кела бошлади. Йиғлаб, бўзлаб етиб келган Ойша: «Болани менга бер энди»–деб олдида, чопонига ўраб, уйига кўтариб кетди.
Орадан бир кун ўтиб Алиманни ўрнига қўйдик. Аёл киши бўлсам ҳам қабрининг бошигача ўзим бордим, келинимни ўз қўлим билан қўйдим, мангуга видолашдим. У куни ҳам қор учқунлаб турди. Уюлган қора тупроқ тезда оппоқ тепага айланди. Ўша йили, кўкламда келинимнинг қабрига гул ўтқаздим. Ўшандан бери ҳар йили гул экиб ўстираман. Ёдгорлигим, эрмагим шу. Алиманим гул суйган келин эмасмиди...
Шу билан у қилиб, бу қилиб Жонбўлотни эчкининг сути билан боқиб катта қилиб олмадимми. У икковимиз кўрмаган азоб қолмади. Ҳайтовур, туз-насибаси бор экан, омон қолди. Мана ҳозир ўн икки ёшга кириб қолди. Айланиб келиб қариганда топганим, кўрар куним шу бўлиб қолди. Шунисига ҳам қаноат қиламан, ёқамни ушлайман. Айтганча, ўша пайтдаги дўхтир йигит энди катта киши бўлиб қолмадими, ҳар сафар йўлиққанда сўраб қолади: «Қандай опа, ўғлинг катта бўлиб қолдими?»–дейди. «Худога шукур, йигит бўлиб қолди»–дейман. Шунда у жилмайиб қараб қолади. «Шундай қил, опа, яхши одам қилиб ўстиргин»–дейди.
Жонбўлот гўдаклигида қаттиқ шамоллаб, бир кун қарасам, лаблари кўкариб, кўзлари олайиб мазаси қочиб боряпти. Эсим чиқиб, ўша ердан ола югурдим. Тун эди. Дўхтирга тезроқ етайин, деб қиш бўлса ҳам катта сувдан кечиб ўтмадимми. Кийим-кечагим жиққа ҳўл кириб борсам, дўхтир янгидан келган ёш бола экан, қўрқиб кетди. «Нима учун сув кечиб юрибсиз, тинчликми? Бунинг ота-онаси қаерда?»
«Бунинг отаси ҳам, онаси ҳам мен. Болам, шунимни омон сақлаб қол. Бу ўлса мени тириклай кўмавер. Яшамайман»–дедим.
Кечаси билан ёнидан кетмай дори-дармон қилиб турди. Менга ҳам янги уст-бош, дори бериб, олдини олди, лекин эрта билан иситма босиб, қон йўталиб йиқилдим. Қалин туман ичида куйиб бораётгандёк эс-ҳушимни билмай ётсам, дўхтир дам-бадам келиб, муздаккина қўли билан чаккамни ушлаб: «Опа, ўғлинг яхши бўлиб қолди. Бўшашма, касалга бой берма!»–деб ғайратлантирди. «Ундай бўлса, ўлмайман, ўлмайман»–деб шивирлаб қўйдим. Ўлмай тирик қолганимга ҳам шу сабаб бўлдимикан дейман...
– Ўғлинг йигит бўлиб қолибди, Тўлғаной. Бу йил ўроқ маҳалида шу ўртада чопиб юрган экан, Алиманга ўхшашлигидан таниб олдим.
– Ҳа, қутлуғ далам, онасига ўхшашлиги рост. Бироқ ҳеч нимани билмайди-да. Отам фронтда ўлган, дейди, онамнинг қабри бўлса овулнинг четида, деб қўяди. Бу йил ёзда бир қизиқ воқеа бўлди. Ёзги таътил кунлари эди. Қосимнинг ҳалиги бир велосипеди бор эди-ку. У йигирма йилдан бери саройда қозиқда осиқлик турарди. Жонбўлот ўшани эшикка олиб чиқиб тузатди. Бола-да, қачонлардан буён занг босиб, яроқсиз бўлиб ётган эди. Бир вақт Бектош ҳам унга ёпишиб олибди. Иккаласи тузатмоқчи бўлишди. Роса овора бўлишди. Жонбўлотни Бектош бошидан ўз боласидек кўрарди. Ҳозир учтанинг отаси, оғир, салмоқли, кучли киши бўлмадими. Кўпдан бери комбайн ҳайдайди. Ойша бўлса – ўлган. Тенгдошимдан ажралиб, шундай қаттиқ ўксидим.
Хуллас, бир кун қарасам Жонбўлотим югуриб-елиб велосипедини етаклаб қолди. «Эна, қаранг, отамнинг велосипеди қандай яхши бўлиб қолди»–деди. Юрагим аллақандай бўлиб кетди. Шунда мақтаниб: «О-о, мен ўрганиб қолдим, эна. Қараб тур ҳозир!»–деб велосипеднинг эгарига бўйи етмай бир ёқ томонига қийшайиб ёпишиб, лапанглаб, гоҳ бу ёғига оғиб, гоҳ у ёғига оғиб ҳайдаганда йиқилиб кетадими деб қўрқиб: «Туш, вой шўрим, йиқиласан!»–десам, яна қаттиқроқ ҳайдаб бориб, велосипеди билан бирга йиқилди, қаттиққина йиқилди. «Ўргилай, қаёқдаги ишни бошладинг, ўласанку бундайда!»–деб ҳаллослаб етиб бордим. Ердан даст кўтариб, юз-бошини артдим. Шунда қарасам, нариги ёқда Бектош тек, анчайингина тикилиб қараб турибди. Индамади, мен ҳам индамадим. Бир-биримизни тушундик.
Орадан кўп ўтмай экинлар пиша бошлади, бир кун Бектош келиб: «Жонбўлотни комбайнига ёрдамчи қилиб олайин», деган эди. «Яраса ола қол»– дедим.
Айтишга айтиб қўйиб, икки кундан кейин кўнглим чидамай боламни кўргани бордим. Подада келаётган молдек димиқиб гармсел юриб турса ҳам, пишиқчилик маҳалига нима етсин! Деҳқоннинг йил бўйи тўккан терининг, қилган меҳнатининг натижаси, самараси шунда кўринмайдими. Бойлиги қўлига сиғмай, мардлиги терисига сиғмай ердан топган озиқ-овқати қанча одамзодга насиба бўлади. Деҳқон – оламни боқади.
Доннинг анқиган хушбўй ҳидидан, айланай деҳқон далам, мавжланган экинларни кўриб хумордан чиқмадимми! Ҳов олис-олисларда гоҳ кўриниб, гоҳ кўринмай чопиб келаётган отлиққа қараганингдагина дунёнинг нақадар кенглигини билар экансан.
Жонбўлот комбайинда сомон ташиб юрган экан, мени кўра солиб: «Эна, эна! Мен бу ёқдаман» дегандек мақтаниб қичқирди. Штурвалнинг ёнида мағрурона турган Бектош бошини ирғаб қўйди.
Ариқнинг бўйида, толнинг соясига ўтириб кечгача томоша қилдим. Йўл чангитган машиналар бир-бирига уланиб буғдойни хирмонга ташиб турди.
Қош қорайганда комбайнчилар дам олгани келишди. Бектошнинг ёнида мағрурланиб келаётган Жонбўлот анчагача гапиролмай, ярмигача яланғоч бўлиб ариқдаги сувга ювиндида, олиб келган тугунчагимни кўриб: «Эна, олма олиб келдингизми?»– деб севиниб кетди. «Олиб келдим»–десам, югуриб келиб бўйнимдан қучоқлаб ўпа бошлади. Бектош пиқиллаб кулиб юборди: «Боядан бери шундай қилсанг бўлмасмиди. Майли, бугунча эркаланиб ол энангга»– деди.
Кўчма уйнинг ёнида ўтириб чой ичдик – янгигина ёпилган иссиқ нон экан. Жонбўлот катта кишилардек нон тўғраб: «Олинг, эна»–деди. Бир бурда нон олиб, тишлаганимда, Қосимнинг қўлининг ҳидидек комбайнчининг мойли қўлининг ҳиди анқиб турди. Ҳа, ҳа, худди ўшандай – керосин, қуёш, сомон ҳиди келаётгандек ширин нон экан. Кўз ёшларим билан қўшиб ютиб юбордим. «Нон ўлмас эканда!–дедим ичимда.– Ҳаёт ўлмас эканда, меҳнат ўлмас эканда!»
«Қўноқлаб келиб қолибсиз, она. Ётиб кетинг бугун бизникида»– деб Бектош уйга кеткизмай қўйди. Сомон устига тўшак солиб беришди. Ўша кечаси осмонга қараб ётсам, сомон йўли янгигина тушгандек, аллаким ҳозиргина катта бир қучоқ сомон кўтариб ўтгандек, йилтиллаган майда тўпонлар шамол теккандек сочилиб, товланиб ётарди. Гўё осмону-фалакда ўша сомон йўли бўйлаб тобора олислаб бораётган эшелоннинг «шақ-шуқ» овози юрагимни зирқиратиб, узоқ вақт эшитилиб тургандек бўлди. Темир изларга урилган ғилдираклари мени тебратгандек, кўзим илиниб, бугунги тунда дунёга яна бир деҳқон келдику, умрини берсин, сепган уруғи юлдузлардек ҳисобсиз бўлсин, деб сомон йўлига тикилиб ухлаб қолибман.
Ғира-шира тонгда ўрнимдан туриб ишлаётганларга халақит бермайин деб овулга жўнадим.
Кўпдан бери бундай мусаффо тонгни кўрмаган эдим. Кўпдан бери тўрғайнинг бундай сайраганини эшитмагаи эдим. Чеки йўқ, чегараси йўқ кўм-кўк мусаффо осмонга кўрк бўлиб, бўз тўрғай, одамнинг осмонга учиб чиққан юраги каби тиним билмай, қанот қоқиб пирпираб, бир нуқтадеккина бўлса ҳам нақадар нозик, нақадар тўлқинлантирувчи куйларни таратиб хониш қиларди. Тилгинангдан айланайин, тўрғайим. «Ана, бизнинг тўрғай сайради», деб қўярди Сувонқул. Сен ҳам ўлмас экансан, тўрғайим!

VII

– Ў, қутлуғ далам, сенинг ҳозир дам олиб ётган пайтинг. Кеча ўроққа тушган одамларнинг овози ҳам эшитилмайди. Буғдой ташиб йўл чангитган машиналар ҳам йўқ, яқин орада комбайнлар ҳам кўринмайди, моллар ҳам тоғдан тушгани йўқ. Одамга буюрган нону насибасини ўзига буюриб, бир қарзингдан қутулгандек ер ҳайдаш учун қўш чиққунга қадар осуда ётадиган маҳалинг. Ҳеч ким йўқ, икковимиз – сен ва мен. Кўзи ёриган аёлдек чўзилиб ётганингдан айналайин, она-Ерим. Мен сенга бугун бутун ҳаётимни айтиб бердим.
Бугун менинг сиғинадиган куним, бугун менинг Сувонқулни, Қосимни, Майсалбекни, Жайноқни ва Алиманни эслайдиган куним. Мен уларни ўла-ўлгунимча унутмайман. Ўрни келганда ҳаммасини Жонбўлотга тушунтириб айтиб бераман. Эси бўлса тушунар, ақли бўлса кечирар бизни... Лекин бошқалар-чи, қуёш остида яшаган барча одамзодга айтар сўзим, айтар гапим бор. Уни қандай айтаман, уни қандай қилиб ҳаммага айтиб чиқаман?
Эй осмонда ярқираган Куёш, ер юзида юриб сен айтгин!
Эй кўчиб юрувчи булутлар, ёмғир бўлиб ёғилиб, ҳар бир томчинг билан сен айтгин!
Ер, барча одам боласини тўйғазган Ер, сен, сен айтгин, жоним туташган Ер.
– Йўқ, Тўлғаной, сен айтгин. Сен – Инсонсан. Сен ҳаммамиздан буюк, сен ҳаммадан улуғ бўлиб яратилган жонсан, сен айтгин, сен – Инсонсан!..

VIII


– Кетдингми, Тўлғаной?
– Кетдим. Хайр, омон бўл, ўлмасам яна келарман.

1963 йил

Qayd etilgan