Umumiy bo'lim > Islom

TAFAKKUR...

<< < (36/36)

Orifjon Hanafiy:
Уламолар ИШИД ҳақида
   Бугунги кунда Сурияда бўлаётган хунрезликлар бутун жамиятнинг асосий диққат марказида бўлиб турибди. Дунёга бунчалик ғавғо солганлар ўзларини Ислом номидан иш кўраётганлигини даъво қилсалар-да, аслида уларнинг бу бебошликлари мутлақо Ислом таълимотларига зид эканлигини нафақат мусулмон халқи, балки бутун афкор оммаси англаб турибди. Шундай бўлсада, баъзи бир Исломни тўлиқ англамаган ёки қалбида муқаддас динимиз таълимотларига ғаразликлари бўлган кимсалар ҳамон ИШИДни Исломга нисбат қилмоқда. Бунга уламоларимиз аниқ далиллар асосида раддиялар бермоқда. А. Тўлеповнинг “ИШИД фитнаси” китоби ҳам юртимизнинг ҳар бир мусулмон ва бошқа дин вакиллари ўқиб чиқишлари лозим бўлган манба десак хато қилмаган бўламиз.
   Дунёдаги барча Ислом уламолари ҳам узлуксиз равишда баёнотлар бериб бормоқдалар. Жумладан Миср диёри муфтийси Доктор Шавқий Аллом ИШИД ҳақида қуйидаги фикрларни билдирди: ”ИШИД – адашган террористик гуруҳ! Ғарб ОАВ бу уюшмани исломий атама ва номлар билан атаб, ИШИДнинг Ислом суратида намоён бўлишига ҳисса қўшмоқдалар. ОАВ воқеликни бу тарзда ёритишдан ниҳоятда ҳушёр бўлиши лозим. Чунки қаршимизда Ислом динига умуман алоқаси бўлмаган бир террорчилик ташкилоти турибди”.
Яқинда ОАВ орқали “Ал-Азҳар” университетининг дунёга машҳур уламоларининг ИШИДга қарши раддиялари эълон қилинди. Жумладан Нуфузли олимлар ҳайъати аъзоси Доктор Маҳмуд Маҳно шундай дейди: “Ироқ ва Сурияда фаолият олиб бораётган ушбу террорчи ташкилот баъзилар хато талқин қилаётганидек, «Аҳли сунна» намоёндалари эмас. Чунки «Аҳли сунна» эътиқоди тинч аҳолига ва мусулмонларга тажовуз қилишга зинҳор рухсат бермайди. У ноҳақ қон тўкишнинг ҳаром эканини қатъий таъкидлайди. ИШИД суннани боши берк кўчага олиб кирмоқда. Ислом динини бутунлай салбий суратда гавдалантириб, уни беҳуда, ўйинчоқ ва қотиллик дини сифатида намоён қилмоқда. Мусулмон ўз биродарига қилич кўтармайди. Ҳатто ўзга дин вакиллари модомики мусулмонларга қарши жанг қилишмас экан, уларга ҳам қилич кўтариш мумкин эмас”.
Доктор Аҳмад Таййиб ИШИД ҳақида шундай дейди: “Ислом дини вайронагарчилик ва қотиллик каби ишларни амалга оширадиган қуролли ҳаракатларни рад қилади. Ислом бундай ишлардан мутлақо йироқ!”
   Нуфузли олимлар ҳайъати бош котиби Доктор Аббос Шумон шундай дейди: “Ислом башарият учун тинчлик ва раҳмат дини! Ироқ ва Суриядаги хунрезлик ишлари эса Исломдан эмас! Мусулмон одам бошқа дин ва ақида вакилларига нисбатан раҳм-шафқатли, кечиримли ва бағрикенг бўлиши лозим. Мусулмон киши ақида сабабли бировга зулм қилиши, террорчилик ҳаракатларини амалга ошириши ва қўполлик қилиши, хусусан, бу ишларни мусулмонга нисбатан амалга ошириши асло мумкин эмас”.
Дарҳақиқат, тинч аҳолининг қонларини ноҳақдан тўкишлик Қурони карим ҳукмига кўра абадий азобга гирифтор қилгувчи улкан гуноҳдир. Бу ҳақда Нисо сурасининг 93-оятида баён қилинган:
وَمَن يَقْتُلْ مُؤْمِناً مُّتَعَمِّداً فَجَزَآؤُهُ جَهَنَّمُ خَالِداً فِيهَا وَغَضِبَ اللّهُ عَلَيْهِ وَلَعَنَهُ وَأَعَدَّ لَهُ عَذَاباً عَظِيماً
    Яъни: “Ким бир мўминни қасддан ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамдир. Унда абадий қолур. Унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур. Ва Аллоҳ унга улкан азобни тайёрлагандир”.
   Ҳа, бу Аллоҳнинг ваъдаси. Умид қиламизки, бузғунчилар ҳадемай қилмишларига яраша жазосини тортадилар. Ҳақиқат ва порлоқ эътиқод ҳамиша ўз мавқеъини йўқотмагай.

   Шаҳобиддин Парпиев. Асака туман бош имом хатиби

Navigation

[0] Message Index

[*] Previous page

Go to full version