Ҳикматлар
“Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Уч кишини ғазабинг келган пайтда ҳам маломат қилма: касал одамни, рўзадорни ҳамда мусофирни”.
“Бир донишманд шундай деган экан: “Дунё бир харобазор, вайронадир. Уни обод қилувчининг қалби эса, ундан ҳам хароброқдир. Охират ободлик диёридир. Уни истовчининг қалби эса, ундан ҳам ободроқдир”.
“Донолардан бири айтади: “Оқил ўз нафсининг кирдикорларидан доим қийналуви, аммо одамлар ундан ҳурсанд, аҳмоқ эса, ўз нафсидан ҳурсанд, одамлар эса ундан хафадирлар”.
“Бир донишманд айтган экан: “Мен шайтондан кўра аёллардан кўпроқ қўрқаман. Чунки, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Албатта, шайтоннинг макри заифдир” (Нисо, 76) деган. Аёллар ҳақида эса: “Ҳақиқатан, сизларнинг макрингиз улкандир” (Юсуф, 28) деган”.
Шундай яшагинки; Отангнинг боши эгилмасин, онангнинг кўзи ёшланмасин.
Бало-офат сени поклик томон етаклаётганини кўряпсанми? Демак у неъматдир. Неъмат сени туғён ва саркашлик томон етаклаётганини кўряпсанми? Демак у ғазабдир. Мустафо Маҳмуд.
Ёмонликнинг асли учтадир - такаббурлик; ҳасад; очкўзлик. Такаббурлик сабаб Иблис одамга сажда қилишдан бош тортди. Очкўзлик сабаб Одам жаннатдан чиқарилди. Ҳасад сабаб, Одам фарзанди ўз инисини қатл этишга журъат қилди.
Кўп одамлардан ҳайрон қоласан! Агар иш ўзларининг гуноҳларига тааллуқли бўлса, "Аллоҳ гуноҳларни кечирувчи раҳмли Зот" дея бонг урадилар. Бордию, иш бошқаларнинг гуноҳларига тааллуқли бўлса, "Аллоҳ, азоби қаттиқ Зот" дея асослаб берадилар. Илтимос! Инсониятга, шахсий нуқтаи назарингиз билан ҳукм қилманг!
Исмоилов Сайдуллоҳ. Аҳмадали махдум жомеъ масжиди имом хатиби
Фармонов Абдураззоқ. Муҳиддин саҳҳоф жомеъ масжиди имом хатиби
Асака