Muallif Mavzu: Шахидлик” ва “Жиҳод” тушунчаларини бузиб талқин этувчиларга Р А Д Д И Я  ( 1666 marta o'qilgan)

0 Foydalanuvchilar va 1 Mehmon ushbu mavzuni kuzatishmoqda.

1abdulaziz1

  • Newbie
  • *
  • Rahmat
  • -aytdi: 0
  • -oldi: 2
  • Xabarlar: 41
“Шахидлик” ва “Жиҳод” тушунчаларини бузиб талқин этувчиларга
Р А Д Д И Я

Чиндан ҳам ўзини портлатиб, инсонлар умрига зомин бўлиш улкан гунохдир. Расули акрам (саллоллоху алайҳи ва саллам) Вадо ҳажида:

“Эй одамлар, хоҳ ўзингизнинг ва хоҳ бир-бирларингизнинг қонингизни тўкишингизни Аллоҳ ҳаром қилди....”, деганлар.
Бузғунчи гуруҳлар ва баъзи шахслар ўз жонига қасд қилишни шаҳидлик билан қориштириб талқин қиляпти. Шахснинг ўзини-ўзи ўлдиришини “шаҳидлик” дейиш катта хатодир.
“Шаҳид” сўзи луғатда “гувоҳ” ёки кўрган-билгани ҳақида хабар берувчи киши маъноларини ифодалайди. Дин ёки она Ватан ҳимояси йўлида жон фидо этган мусулмон ҳам “шаҳид” дейилади. Шунингдек, “шаҳид” Аллоҳ таолонинг сифатларидан бўлиб, “гувоҳлиги ишончли, ҳар доим ҳозир Зот” деган маъноларни англатади.
Кишининг ўзини-ўзи ўлдириши “ўз жонига қасд қилиш” деб баҳоланади. Шариат нуқтаи назаридан бу иш қаттиқ қораланади. Аллох таоло огоҳлантиради: “...ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!...” (Бақара, 195);
“Кимда-ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга улкан азобни тайёрлаб қўйгай” (Нисо, 93).
Ақоидга кўра, тақиқланган гуноҳ ишни ҳалол деб эътиқод қилса ёки фарзлардан бирини инкор этса, кофир бўлиб қолади. Ушбу оятда ноҳак қон тўкишни ҳалол деган эътиқодда қотиллик қилган киши тўғрисидаги хукм баён этилмоқда. Ҳадиси шарифда “Қиёмат” куни биринчи савол ноҳақ тўкилган қон тўғрисида бўлади” дейилган (Имом Бухорий ривояти)
Абу Ҳурайра (розияллоху анҳу) дан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар (алайҳиссалом) айтадилар: “Ким ўзини тоғдан ташлаб ўлдирса, у жаҳаннам ўтида мана шундай ҳолатда абадий азобланади. Ким заҳар ичиб, ўзига суиқасд қилса, жаҳаннам ўтида қўлидаги заҳарни ичган холда абадий азобланади. Ким ўзини темир билан ўлдирса, жаҳаннам ўтида темирини қорнига урган ҳолда абадий азобланади” (Имом Бухорий ривояти).
Бу мудҳиш ҳолат, айни пайтда, Аллох таолонинг қазои қадарига ҳам исёндир. Инсон ҳаёт неъматини авайлаши, унга ҳиёнат қилмаслиги лозим, акс ҳолда, энг оғир жиноятга қўл урган, бўйнига катта гуноҳни ортиб олган бўлади.
Бузғунчиларнинг алдовларига учиб, ўзларини портлатиб юбораётган кимсалар икки карра катта гуноҳга қўл уришяпти, чунки улар бу қабиҳлик билан қанчадан-қанча айбсиз кишиларнинг ҳам умрига зомин бўлишмоқда. Қуръони каримда: “...Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир...” (Моида, 32) дейилган.
Маълумки, Ислом манбаларида: “ўз жонига қасд қилган кишига уламолар ва масжид имоми бошчилигида жаноза ўқиш дуруст эмас”, дейилган. Демак, кўнгли кир кимсаларнинг “”тўпа-тўғри жаннатга кириш  хақидаги ваъдаларига алданиб, худкушликка қўл ураётганлар, аслида ўша бошлиқларининг манфур мақсадлари йўлида итдек ўлим топишдан бошқа нарсага эриша олмайдилар.
Кези келганда, айрим тоифалар иддао қилаётган “жиҳод” сўзининг маъно-мазмунига ҳам тўхталиб ўтсак. “Жиҳод” сўзи луғатда киши ўзининг бор имкониятини ишга солиб, бирор ишни бажаришга ҳаракат қилиши маъносини англатади. Мисол, шаърий масалаларни ечишда бор имконини ишга солиб, харакат қилган йирик олимлар “мужтаҳид” деб аталган. Улар шаърий илмларда “жиҳод” қилишган.
Алоҳида таъкидлаб айтиш лозимки, “жиход” сўзи луғатда “уруш” маъносини англатмайди. Уруш бошқа сўзлар билан ифода этилган. Уруш маъносини англатиш учун араб тилида, асосан “қитол” сўзи ишлатилади. Жиҳод сўзининг луғавий хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, маълум даврларда халқларнинг босқинчиларга қарши жон-жахди билан жанг қилиши ҳам жиҳод дейилади. Кейинчалик ушбу охирги маъно бошқаларидан устун келиб, “жиҳод” деганда айрим ғўр кимсалар фақат урушни тушунадиган бўлиб қолишди.
Бир хадиси шарифда Пайғамбар (алайҳиссалом): “Жиҳоднинг энг афзали кишининг ўз нафси ва ҳавосига қарши курашмоғидир”, деганлар (Ибн Можа ривояти).
Ҳозир эса бузғунчи тоифалар ўзлари илгари сўраётган ёвуз мақсадга эришиш учун янги “жиҳод” турларини ўйлаб топишяпти. Улар жиҳод-муқаддас уруш деган тушунчани тарғиб қилиб, айбсиз одамларнинг қони ноҳақ тўкилишига сабабчи бўлишмоқда. Бунга дунёнинг турли нуқталарида “жиҳод” ёки “шаҳидлик” ниқоби остида амалга оширилаётган қўпорувчиликлар мисол бўлади. Айниқса, Афғонистон, Покистон, Сурия ва Ироқ давлатларида худкушликлар оқибатида бегуноҳ кишилар ва ёш болаларнинг халоқ бўлиши кўпайгани жуда ачинарли ҳолдир. Доғистонда имом-хатибнинг ҳаётига суиқасд уюштирилгани ва Ироқда қўпорувчилик содир этилаётгани, Сурияда бўлган бир хунрезлик оқибатида 20 дан зиёд бегуноҳ гўдак хаётдан кўз юмгани каби жуда оғир мусибатлар террорчи кучлар инсониятга қарши  нақадар шавқатсиз уруш очганини кўрсатади.
Шу ўринда машҳур олим, марҳум Муҳаммад Саид Рамазон Бутийнинг қуйидаги сўзларини келтириш лозим:
“Улар бир вақтнинг ўзида бирор айби йўқ мусулмонларни кечаси бўғизлаб кетишни “шариат рухсат берган иш” дейдилар. Улар оддий йўловчилар тўла самалётни ичидаги айбсиз инсонлар билан қўшиб портлатиб юборишни ҳам “шариатда бор иш” дейдилар. Ҳар ким кўзларини юмиб, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) бугун орамизда юрибдилар, деб ҳаёл қилсин. Ул зот шундай разил ишларга рози бўлармидилар?”.
Муборак Ислом динида бегуноҳ инсон қонини тўкиш бузғунчиликнинг энг улкан кўриниши хисобланади. Динимиз ҳатто чумолига озор беришдан ҳам қайтаради. Бундай ваҳшийликни қилаётганлар  динга эътиқод қўйгани хақида қанча лоф урмасин, қилган ёвузликлари бу даъволари сохта эканини фош этмоқда.
Интернетга ин қурган “Ўргимчаклар” китобидан         
         
Андижон вилояти Шаҳрихон тумани
Найнаво масжиди имоми:                  Р.Омонов