Jumaniyoz Jabborov. Ko'zgudagi sanam  ( 12681 marta o'qilgan) Chop etish

1 B


AbdulAziz  03 Iyun 2009, 00:00:38

Ko'zgudagi sanam



Muallif: Jumaniyoz Jabborov
Hajmi: 229 Kb
Fayl tipi: pdf, zip
Saqlab olish
Online o'qish

Qayd etilgan


ЖАМШИДЖОН  01 Avgust 2009, 09:06:42

Жуманиёз Жабборов

КЎЗГУДАГИ САНАМ


Шеърлар

Тошкент
«Ёзувчи» нашриёти
1994



ЭЙ, ҚАЛАМ

Эй, қалам, ёзмоқчи бўлсанг, аввало дардимни ёз,
Дилдаги оҳ, кўздаги ашк, рангдаги зардимнн ёз.

Ўйлама, қайдан келибдир бунчалик дарду фироқ,
Билмоқ истарсан магарким, сочдаги гардимни ёз.

Ҳар не бордир бу жаҳонда, боиси бордир анинг,
Менга боис — нозанину нозпарвардимни ёз.

То кўрай шеърда жамолин, то камолин ҳис этай,
Менга келтир бир шамолни, сенга шу шартимни ёз.

Битта мужда, бир хабар кутмоқдан ўзга чора йўқ,
Бу синовларни кўтарган қалб деган мардимни ёз.


СЕН БАХТЛИМАН ДЕБ...

Қайдадир зор бир гўдак, сен бахтлиман деб урма бонг,
Қайдадир хор бир юрак, сен бахтлиман деб урма бонг.

Қайда бир тор кулбада кимдир яшар чору ночор,
Кийганинг бахмал, ипак, сен бахтлиман деб урма бонг.

Бир ғарибнинг хонасинда ёнмади шам бул кеча,
Манжи нур ичра ҳалак, сен бахтлиман деб урма бонг.

То ҳануз инсон руҳи таслим бировлар зулмига,
Эрк сенга бўлмас безак, сен бахтлиман деб урма бонг.

Эй, курашлар ичра ёнган навжувон, ёвқур насл,
Етса истиқлолга шак, сен бахтлиман деб урма боиг.

Эрк — улуғвор боғ эрур ким, сайр этар эркин фикр,
Узмайин боғдан чечак, сен бахтлиман деб урма бонг.

Омадинг келганлигин оламга кўз-кўз этма кўп,
Ўз-ўзингдан жонсарак, сен бахтлиман деб урма бонг

Омаду бахт — бу элингни бахтиёр кўрмоқлигинг,
Топмайин бахтдан дарак, сен бахтлиман деб урма бонг.


АЖАБ ДУНЁ ЭКАН БУ...

Ажаб дунё экан бу: увол кўпу савоб кам,
Яъни ҳаёт ичинда савол кўпу жавоб кам.

«Варақ-варақ» қидиргил олам кутубхонасин,
Дардли замона бисёр, ҳол сўргувчи жаноб кам.

Олдинга босмас эмиш бу дунёда ҳеч бир иш,
Қаёнда илтимос йўқ, таъзим ила тавоф кам.

Қаердаким ихтилоф амрин ўтказди элга.
Барокат ундан олис, шафқату эътироф кам.

Оқар сув лаҳза тинса, кўлмак бўлар азалдан,
Ошиқ дили сўниқдир, қачонким изтироб кам.

Кирдингми ишқ йўлига ён, дўстгинам, парвоз эт,
Етиб бўлмас муродга, қай дилда инқилоб кам.

Сени курашга чорлар ўтли ҳақиқат сўзи,
Бефойда ширин сўзнинг мағзида офтоб кам.


САВОЛ ВА ЖАВОБ

Осмон дедики: бул кеча ёмғур ёғажакман,
Офтоб дедики: тонг-ла яна нур ёғажакман,

Дарёга савол айладим, эй, дилда боринг айт,
Ул дерки, элинг ризқи учун дур ёғажакман.

Тоғларга дедим: қайси хаёл ичра чўмибсиз?
Дерлар: ёқуту олтину биллур ёғажакман.

Оллоҳ нафси, айт-чи, шамол, қайга борурсан?
Айтурки, имон аҳлига ҳур-ҳур ёғажакман.

Шоирга дедим, дилда қувонч, кўзда наминг бор?
Дер: эрким этиб эл аро машҳур, ёғажакман.


МУҲАББАТ

Муҳаббат — тонг саҳарлар дафтар узра чеккан оҳимдир,
Агар кўнгил давотим бўлса, кўз ёшим сиёҳимдир.

Тушим бирла ҳушимнинг фарқини қилмоқ эмас осон,
Бири ҳушёр чоғимдир, бири мажнун нигоҳимдир.

Йигитлик фасли қошимдан баногоҳ барқ бўлиб ўтди,
Ўшандан то ҳануз ёр чеҳраси офтобу моҳимдир.

Вужудимда гўзал бир силкиниш қўзғолди ишқ отли,
Тамоман янги дунё то ўшандан мулки жоҳимдир.

Гўзал ёр суврати буткул хаёлим айламиш ишғол,
Шамоли гар илоҳимдир, хаёли подшоҳимдир.

Дилимда эзгу мақсудлар, тилимда нозанин куйлар,
Гўё юлдузли осмон ҳам менинг сўнгсиз сипоҳимдир.

Билолмасман, бу савдодан хабардорму санам ё йўқ,
На шоҳид бўлди бу дунё, на бир осмон гувоҳимдир.

Бу йўлда неки яхши ё ёмон бўлса барин кўргум,
Билолмасман, савобим қайдаю қайда гуноҳимдир.

Муҳаббатсиз бу дунёга келиб-кетмоқда маъно йўқ,
У тунлар сўнгида кулган менинг нурли сабоҳимдир.


ЯРҚИРАР МИНГ БИР БАҲОР

Ярқирар минг бир баҳор кўрки камолингда сенинг,
Офтобнинг акси бор ўтлиғ жамолингда сенинг.

Нега мен минг бир дейин, бир навбаҳорсан мангулик,
Ёшлигинг балқиб турар завқу саволингда сенинг.

Битта йўлдан бир умр сен бирла бормоқ истарам,
Яхшилик, нур бор, гўзал, фикру хаёлингда сенинг.

Ёшлигимда ногаҳон кўнглимга бир чўғ ташладинг,
Ҳам ўшандан то абад қолдим камолингда сенинг.

Мен учун сен шўх шалола, эрка дилбар мен учун,
Минг баҳорнинг атри бордир зулф шамолингда сенинг.

Не санамлар суҳбати жонбахшинг айлар орзу,
Не гўзаллар май ичар синган сафолингда сенинг.

Битта кулгингдан жаҳон гулзорига тўлгай садо,
Чашмалар ўйноғи бор ширин мақолингда сенинг.

Сен омон бўл, сен жаҳон бўл, то ҳаёт завқин кўрай
Қадди ниҳолингда сенинг, оби зилолингда сенинг.


КЕЗСАНГ ЧАМАНДА...

Кезсанг чаманда, сочинг ел бирла ўйнашурлар,
Елкаю кўксинг тутиб, бел бирла ўйнашурлар.

Қалбу нигоҳим оқур ўшал қаро мавж аро,
Бебога гўдаклардурким, сел бирла ўйнашурлар.

Раҳм айла, кўз қароғим ул толаларга шайдо,
Улар-чи, ақлим олиб, феъл бирла ўйнашурлар.

Ул толаларки, минг-минг, ҳар тори битта дордир,
Кўнглу кўзим бир бутун эл бирла ўйнашурлар.

Таслимдир кўнглу кўзлар, ҳар буйруғингга тайёр,
Улар меҳрга муҳтож, кел, бирла ўйнашурлар.


ЭҲТИМОЛ

Бир майин шаббода эсди. Сиз томондан, эҳтимол,
Бир хабар олмоқчидирсиз биз ёмондан, эҳтимол.

Қалбимизда жилваланди ногоҳонда шуълалар,
Боқдингиз ё биз томон юксак довондан, эҳтимол.

Мавж уриб қонларда орзулар, табассум бизга ёр.
Кўнглимиз дунёси кенг тортди жаҳондан, эҳтимол.

Оҳ десам, оҳим қорайтирган эди юлдузни ҳам,
Бунча тез учмас эди ўқ ҳам камондан, эҳтимол.

Хайрият, етмиш қулоғингизга дарду ҳасратим,
Бу — юракдан талпиниб, этган фиғондан, эҳтимол.

Яхшилик дунёси кенгдир, эзгуликнинг сўнги йўқ,
Бунча шафқат барчаси сиз меҳрибондан, эҳтимол.

Дилда бор ишқимни ушбу шеър аро жо айладим,
Бўлгай ул бир сатр деб, улкан девондан эҳтимол.


СЕВИБ ҚОЛДИМ ЧОҒИ

Кўзларимга ўзгача дунё, севиб қолдим чоғи,
Лолазордир қишда ҳам саҳро, севиб қолдим чоғи.

Кичкина япроқда ҳам бўстон кўрарман, во ажаб,
Томчида қалқиб оқар дарё, севиб қолдим чоғи.

Битта сўзда бир бутун достон мужассам айланур,
Битта оҳда бир жаҳон савдо, севиб қолдим чоғи.

Қўл узатсам неча минг юлдуз қўнарлар кафтима,
Йўлга чиқсам, мақсудим пайдо, севиб қолдим чоғи.

Сир ўғирлай деб йўлим тўсгай мудом шаббодалар,
Мсн ўтарман зарра бепарво, севиб қолдим чоғи.

Заррадан офтобгача айлар муборакбод мени,
Ҳам ҳавас этгай неча шайдо, севиб қолдим чоғи.

Энди олам аҳлига ошиқлигим нурдек аён,
Бир ўзингсан бехабар, барно, севиб қолдим чоғи.


АГАР БОҒ ИЧРА КИРСАНГ

Агар боғ ичра кирсанг, бошланур гулларда яйрашлар,
Яна рангларда мавж урмоқ, яна қушларда сайрашлар.

Қаду қалбинг томошосин соғинмиш, йўқса қайдандир,
Ниҳолда нозланишлар, чашмаларда сирли қайнашлар.

Сочинг сийпаб эсар шаббодалар шўху таманнолик,
Бу хушбўйни кутар дунё — Хито, Ҳинду Марокашлар...

Аё, эй офтоб, оламга олтин шуълалар сочгил,
Нигорим йўлида бўлсин нисоринг эрка оташлар.

Гоҳо сувларга роз айтиб, гоҳо гулларга юз бурсанг,
Бу боғ ичра тушар ҳар лаҳза-лаҳза неча кенгашлар.

Товуслар пар ёзар ҳайрон, нигоҳни эркалар жайрон,
Ахир, боғни этиб сайрон, гўзал ёрим қадам ташлар.

Гўзаллик не эрур, гар кўрмоқ истарсиз, келинг бунда
Жаҳонда ном қозонган нозанин танҳо паривашлар.

Нечун ўйчан бўлиб қолдинг, дилором, боисин айтгил,
Нечук нохуш хаёлоиким, дилингни бул замон ғашлар?

Бу таъриф кўҳна деб ёхуд менга дашном этурсанму,
Ки бундан ортиғин ҳаргиз тополмас ишқда саркашлар.

Тиларман, ташрифингни канда этма ҳар наҳор, жоним,
Агар боғ ичра кирсанг, бошланур кўнглимда яйрашлар.


БИР СОВУҚ СЎЗДАН

Бир совуқ сўздан кўнгил кўзгусида дарз бўлғуси,
Бул ўзин билган кишига бир умр дарс бўлғуси.

Мисра ҳам жуфт бўлса, шеър ичра топар ўз қадрини,
Икки кафт бир-бирга теккан чоғида қарс бўлғуси.

Балки номақбул сўзимдан кўнглингиз ичра гумон,
Ошиқ аҳлини кечирмоқ ҳам, ахир, фарз бўлғуси.

Яхши сўз, бир илтифотингиз кутиб, умрим кечар,
Биз томондан бир умр сизга шу хил арз бўлғуси.

Севги — минг қирра жавоҳир, билмагай андозани,
Ҳар кўнгилда ишқ деган минг шаклу минг тарз бўлғуси.

Бор умидим, бир боқиб, бағримда ёққайсиз қуёш,
То жаҳон борича сиздан бу кўнгил қарз бўлғуси.


ЖОНИМДАДИР

Бул кеча бир моҳтоб жонимдадир,
Осмонман, офтоб жонимдадир.

Ақлу одоб, ҳусни зебо бир жаҳон,
Сўзларидан инқилоб жонимдадир.

Ҳеч жаҳоннинг ганжига йўқ эҳтиёж,
Парпираб бир дурри ноб жонимдадир.

Қонларимда минг баҳор тўлқин урар,
Ифтихордан печу тоб жонимдадир.

Эй, муҳаббат, қандайин қудратсан, айт,
Ҳар нафас мннг изтироб жонимдадир.

Қийнама, эй гул, менга қалбингни оч,
Ҳар саволингга жавоб жонимдадир.

Бунчалик мафтунлигим айб айламанг,
Ҳам гуноҳу ҳам савоб жонимдадир.

Кўзларин ҳар боқиши сирли итоб,
Бул итоблардан китоб жонимдадир.

Бунча бахтимни сароб этма ҳаёт,
Сенга дилдан шул хитоб жонимдадир.


ПАЙВАНДУ ПАЙВАСТМАН

Суҳбат ичра ёр ила пайванду пайвастман яна,
Ёр баҳордан завқланиб, мен ёр ила мастман яна.

О, висол, кўксимда туйғу чашмасин фаввора эт,
Чун бу ишқ водийсида орзуга ҳамдастман яна.

Лолазор ичра кезур ёр, лолаларни ёндириб,
Гул ёноғин тафтидан зир титраган хасман яна.

Кўксим ичра турфа ҳислар жилваланган лаҳза бу,
Бундан ортиқ бахт ўзп бўлгайму билмасман яна

Севгида олий садоқат ҳам саодат жобажо,
Не машаққат бор бу йўлда, кўзга илмасман яна.


ТОНГ-САҲАР КИРДИНГ ДИЛИМГА

Тонг-саҳар кирдинг дилимга нур бўлиб,
Ё садаф бағрида ёнган дур бўлиб.

Маъюсу маълул эди дил хонаси,
Кетди бирдан гуркираб, маъмур бўлиб.

Ярқираб кетди жаҳоним ногаҳон,
Жилмайиб қошимда турдинг ҳур бўлиб.

Чарх урардим нурли бўстонлар аро,
Ўз-ўзимда йўқ эдим, махмур бўлиб.

Битта зарра кўзларимга — коинот,
Битта уммон қатраи биллур бўлиб.

Қайда Тоҳир, қайда Фарҳод, қайда Қайс,
Энди юргайлар нечук мағрур бўлиб?

Сўзлашардик: гоҳ фироқу гоҳ араз,
Гоҳ саволу гоҳ жавоб манзур бўлиб.

Сочларинг ўйнаб паридек, шўх эдинг,
Мен томошо тахтида Фағфур бўлиб.

Маст эдим андоқ хаёлнинг илгида,
Уйғотиб кетди шамол ҳур-ҳур бўлиб.


ЙИҒЛАМА

Сочларинг сувга ёйиб, эй, нилуфар, йиғлама,
Кўз ёшинг кўксумдаги дардимни қўзғар, йиғлама.

Оқ гулинг оҳинг бўлиб бағрингни ёндирмиш саҳар,
Баргларинг ҳар сафҳаси ишқона дафтар, йиғлама.

Сен қуёш орзусида сувларгами роз айтасан,
Бошларингдан ўргилиб офтоб сочур зар, йиғлама.

Бунча маъсум, бунча ноёб, бунча нозик гулларинг.
Очилиб, соч лаҳза-лаҳза мушку анбар, йиғлама.

Бу чаманда камтарин маъюс, иболисан жуда,
Бир гули беор ўзин ортиқча мақтар, йиғлама.

Қатра-қатра дур сочиб, фаввора олқишлар сени,
Бағрида ардоқламиш бу ҳавзи мармар, йиғлама.

Бевафонинг дастидан сувларга отдинг ўзни ё?
Садқайи кўз ёшларинг кетсин фирибгар, йиғлама.

Ёрини кутган садоқатли гўзалга ўхшадинг,
Севганинг васли сенга бўлгай муяссар, йиғлама.




НЕЧУН?

Бунчалар маъюсу ғамноксан, кўзингда нам нечун?
Кипригинг япроқларинда бемаҳал шабнам нечун?

Ғунчадек нозик кўнгилда бунча оташ, бунча ўт,
Айни гул ёзган чоғингда, эй, дилором, ғам нечун?

Нега ўртандинг, хаёлот гирдибоди ичра ғарқ,
Бунчалик ёнишларингдан ёнмасин олам нечун?

Жисми зоринг чулғамиш қандай синоат, қайси дард,
Бунчалар ёлқинланурда куймасинму шам, нечун?

Айтки, дилбар, иштиёқингда яшарму ишқ-вафо,
Ёди васлинг шуъласидан сўнмайин кам-кам нечун?

Сабзалар барқ урди оламни баҳористон этиб,
Кўксинг ичра мавжи гулзор этмагай кўклам нечун?

Огоҳ эт асрори кўнгил, мен давосин излайин,
Ушбу жонни жонларингга этмайин малҳам нечун?


СУҲБАТИ ЗЕБО КЕРАК

Суҳбатимга бул кеча бир суҳбати зебо керак
Ҳам томошо қилмоғимга кўзлари шаҳло керак.

Боғ керакдир хилватий, кўм-кўк зилоллик бағрида
Иккимиз изҳори дил этмоққа ёр танҳо керак.

Пирпираб киприклари, лаб очсалар ҳолим сўраб,
Менга дунё илмидан қандоқ яна маъно керак?

Десаларки:«Ҳажрим ичра қийналурсанми ҳамон?»
Мен десам: «Остонангиздан менга бир маъво керак»?

Десаларки: «Ишқ аро тоқат эрур олий мақом».
Мен десам: «Ҳар қандайин тоқатга истисно керак».

Десаларкн: «Ишқ мавжидан ҳикоят айлагил».
Мсн десам: «Ул мавжни тортмоққа буюк дарё керак».

Гоҳ табассум бирла кўнглимни этиб осмон қадар,
Гоҳ зулфин бўйидан маст этса ул барно керак.

Ул гапирса мен эшитсам, мен гапирсам тинглаб ул,
Дилдаги арзимни бир-бир этмоғим ижро керак.

Нуқтадонким, сўзларинда қанча лутфу илтифот,
Мағзини ечмоқ учун минг оқилу доно керак.

Яхшиям дунёда орзу бор муҳаббат йўлида,
Йўқса дардинг олгали Луқмон керак, Сийно керак.


НАСИБ ЭТСИН СЕНГА

Дўстгинам, бахту баҳор мангу насиб этсин сенга,
Кўнглинг ичра неки бор орзу насиб этсин сенга.

Севги баҳри ичра дил дурдонасин истар кўнгил,
Излаган кўнглингдаги инжу насиб этсин сенга.

Неча тунким, кўзларингга ёндошолмас уйқу ҳеч,
Неча тунда бир келар уйқу насиб этсин сенга.

Сен нигоринг кўзларидан кўзларингга шуъла ол,
Зулфидан инган ажиб хушбў насиб этсин сенга.

Неча дўстлар биз тилаймиз ишқинга бахту камол,
Ушбу дўстлар қалбидан ушбу насиб этсин сенга.


АГАР БИР ЛАҲЗА...

Агар бир лаҳза бўлмассан, жаҳон кўзларга тор ўлгай,
Табассум бирла бир боқсанг, кўнгиллар лолазор ўлгай.

Ажаб, қандоқ сеҳрлар жо бўлибдир ҳар нигоҳингга,
Тўниб, шўх-шўх қарашлардан баҳор ўлгай, баҳор ўлгай.

Бу дунё кўркини кўрмак мужассам истасанг, эй, дил,
Ҳаётга талпиниб боққан ўшал чашм ичра бор ўлгай.

Мен истарман, чарақлаб боқсалар оламга ул кўзлар.
Оловли эҳтирос ичра саҳар, майли, хумор ўлгай.

Бу кўзлар бир қарашда ундирур саҳрода бўстонни,
Магар ёндирмоқ истар, неча диллар тор-мор ўлгай.

Бу кўзлар мадҳида сурсам қаламни субҳу шом арзир,
Билиб қўй, субҳу шом кўзим кўзингга интизор ўлгай.


МИНГ КИТОБ СЎЗЛАР КЕРАК

«Минг китоб сўзлар керак бир дилни қондирмоқ учун,
Етгуси бир сўз вале минг дилни ёндирмоқ учун».

Ғазнали дилдан нечоғлик; ахтарай қудратли сўз,
Сендайин донони ишқимга ишонтирмоқ учун.

Сўз — улуғ қудрат, бу — руҳнинг жилваланган шуъласи,
Қайси куч етгайки, сўздин мардни тондирмоқ учун.

Ноўрнн бир сўз кўнгилнинг гулшанин этгай хазон,
Яхши сўз қилгай кифоят қайта ундирмоқ учун.

Битта сўз ювгай кўнгилда бўлса минг зангу ғубор,
Битта сўз етгай умид шаъмини сўндирмоқ учун.

Юксалай, балким фазоларга буюрсанг, эй, гўзал,
Севги номли бахт қушин бошингга қўндирмоқ учун.

Сўзларнм қалб гавҳаримдур, айни виждону имон,
Ишлатмас сохта ҳисларни овунтирмоқ учун.


* * *

Ҳусн аро бир сен каби озода йўқ.
Ишқ аро ҳам мен каби афтода йўқ.

Лаҳза-лаҳза мен хаёлинг бирла банд,
Бул хаёлингдан ширинроқ бода йўқ.

Мендаги тоқатни Қайсдан излама,
Сендаги оҳанрабо Лайлода йўқ.

Ишқим ичра бир гадо деб бил мени,
Бошим осмон, мен каби шаҳзода йўқ.

Келса кўклам, боғ аро сайр айласанг,
Зулфинг атрин ўпмаган шаббода йўқ.

Ёз келиб, олам саховатларга ғарқ,
Лек сенинг меҳрингча ишқ дунёда йўқ.

Илтифотингни, санам, тутма дариғ,
Бундан ортиқ орзу бу иншода йўқ.


* * *

Ул паризодимки, ҳусн аҳлига устозлик қилур,
Ақлу одоб ичра ҳам танҳою мумтозлик қилур.

Қаҳридан ёзларда ҳам кўнглим аро минг қаҳратон,
Меҳридан энг қаҳратон қишлар менга ёзлик қилур.

Қайси Лайло сарвинозим қошида шуҳрат топур,
Қайси Ширии ҳусну ишқда мунча таннозлик қилур.

Ғунча лаблар шўх сухан бирла агар жон этса бахш,
Оҳу кўзлар қасди жон ўйнаб, тирандозлик қилур.

Мен дедим, айлай нисор ҳуснингга дунё мулкини,
Кулди, айтди, эй фақир, бу неъматинг озлик қилур.

Ўйладим, олам аро ошиққа ҳолат шу азал,
Барча маъшуқлар жафо илмида ҳамрозлик қилур.


* * *

Дўстлар, сиз бирла ҳолим ўзгача,
Фахр этиб, завқу камолим ўзгача.

Даврангизда бахтиёрман, ўйламанг
Бор кўнгил ичра малолим ўзгача.

Меҳрингиздан ёришар кўнглим уйи,
Қалб аро унган ниҳолим ўзгача.

Ҳар бирингиз менга бир офтоб мисол,
Таъриф айларда мақолим ўзгача.

Мадҳингиз куйлаб, жўшар ирмоқларим,
Дашт аро эсган шамолим ўзгача.

Сизга содиқлик дилим ичра шиор,
Бўлмагай феълу аъмолим ўзгача.


* * *

Муҳаббат йўлига кирдингми, ён, дерлар,
Тасаддуқ айлагил бу йўлда жон, дерлар.

Тузилмиш одамий олам муҳаббатдан,
Жаҳон бўлмас муҳаббатсиз жаҳон, дерлар.

Бу йўлда неча ғовлардин керак ўтмоқ,
Ҳаётингда умрбод имтиҳон, дерлар.

Жафосин ҳам бу йўлда муҳтарам тутгил,
Бу ҳам бир марҳаматдирким, қувон, дерлар.

Билур донолар ишқ аҳлининг аҳволин,
Жоҳил зотлар ошиқни нотовон, дерлар.

Самога етказур ошиқни ишқ завқи,
Муҳаббат чўғлаган дил комрон, дерлар.

ЛОЛАХОН ДЕГАН ҚИЗЛАРГА АТАГАНИМ

Лолазорга Лолахон чиқмиш бугун,
Йўлига пешвоз жаҳон чиқмиш бугун.

Лолахоннинг пойига бош ургали
Турфа гуллар шодмон чиқмиш бугун.

Настаринлар илгида шабнам қадаҳ,
Этгали минг садақа жон чиқмиш бугун.

Лолазор ўртанди кўргач Лолани,
Бағридан алвон фиғон чиқмиш бугун.

Ер қизил, зангору сафсар ичра ғарқ,
Соғиниб сою довон чиқмиш бугун.

Коинот гулгун шафақдан жилвасоз,
Офтоб хам нурфишон чиқмиш бугун.

Рангу оҳангнинг улуғ бозори бу,
Раста-раста ҳар томон чиқмиш бугун.

Яйрасин деб кўзлари ул ёрнинг,
Минг жилолик бўстон чиқмиш бугун.

Ё баҳор ёймиш фаровон атрини,
Ё гўзал зулф ўйнабон чиқмиш бугун.

Она-Ер эъзоз этиб фарзандини,
Кўксида минг фахру шон чиқмиш бугун.

О, висол, кўксимга қуй ишқ наъшасин,
Тоза дилдан шеър равон чиқмиш бугун.


ТЎЙ КЕЧАСИДА

Сурнай чалиниб, оҳанги «ёр-ёр» келаётир,
Мавжлан, юрагим, гулшанинга ёр келаётир.

Соғинган эдинг, йўлларига жонни бағишлаб,
Не бахтки, бу кун аҳдга вафодор келаётир.

Бир-бир босибон, меҳру ҳаё ичра ёниб ул.
Гул-гул очилиб яхши ният ёр келаётир.

Оламни тутиб сочларининг хушбўю атри,
Ташна бу дил уфқига гулзор келаётир.

Ёрнинг йўлига айла, кўнгил, ўзини поёндоз,
Орзу торининг бағридан анҳор келаётир.

Дўстлар, не ажаб, етса самоларга бу бошим,
Кўзимга жаҳон, шодлик ила, тор келаётир.


ШУКРОНА

Икки ўттизман, яна ўттиз керак,
Ёргинам, ёнимда доим Сиз керак.

Истарам, дунёни кезсам, сайр учун
Тоғ керак, ўрмон керак, денгиз керак.

Ишқ оқар томирларимда мавж уриб,
То ғазал ёзсам, париваш қиз керак.

Ўйламанг саркаш экан деб, аҳли дил,
Менга ул жонона ёр ёлғиз керак.

Қалбим ичра турфа ҳислар жилвагар,
Талқин этмоққа неча ҳофиз керак.

Минг ташаккур бу саодатлар учун,
Раббано, қошингда чўкмоқ тиз керак.






СЕВГИЛИМ

Севгилим, қалбимдаги орзу ўзинг,
Бахт ўзинг, иқбол ўзинг, ёғду ўзинг.

Мен учун олам аро танҳо санам,
Ой ўзинг, кундуз ўзинг, гулрў ўзинг.

Нурли бу оламни акс этган асил
Чашмайи биллур ўзинг, кўзгу ўзинг.

Тоғ мисол кўксим баланддир сен билан,
Унда шўх жавлон этар оҳу ўзинг.

Сен ҳаётим, эътиборим, шуҳратим,
Бахт умидим, дилрабо туйғу ўзинг.

Севгилим, қалбимдаги орзу ўзинг,
Бахт ўзинг, иқбол ўзинг, ёғду ўзинг.


БИЛМАДИМ

Билмадим, қайдан кўнгилда ғам бугун,
Севгидан киприкларимда нам бугун.

Ўйласам гар сенсиз ўтган кунларим,
Тор кўрингай кўзга бу олам бугун.

Шодмон эрдим хаёлинг бирла мен,
Кел ёнимга, бўлгали ҳамдам бугун.

Бу жаҳонда қанча орзу бор эса,
Бил, менинг кўнглу кўзимда жам бугун.

Неча минг гулларни сенга бахш этай,
Сенга деб ҳар лаҳза бир кўклам бугун.

Қанчалик мадҳингни куйга солмайин,
Эй, дилором, шунча бўлгай кам бугун,


КЕЛТИРИНГ

Сайри тоғ айларда сиз, тоғлар жамолин келтиринг,
Шарқираб оққан булоқларнинг шамолин келтиринг.

Келтиринг зумрад адирларнппг ҳаётбахш атрини,
Турфа гуллар рангидан қирмиз ва олин келтиринг.

Бастингизда гуркираб турсин буюклик тоққа хос
Кўкни ўпган нуқра чўққилар хаёлин келтиринг.

Чашмалардан битта томчи, нағмалардан бир шингил,
Тож қилиб тоғлар самосидан ҳилолин келтиринг.

Интилиб мовий уфққа, қояларда сайр этиб,
Сайратиб кўнгил дуторин, бахт мақолин келтиринг.

Илтимос айланг асал йиққан қанотлик дўстдан,
Ул шифоли гул-гиёҳнинг қатра болин келтиринг.

Унда офтобнинг жилосида ёнур тиллою лаъл,
Янги-янги кон очишнинг эҳтимолин келтиринг.


НАВОИЙ ДУНЁСИ

Бул кеча кездим Навоийнинг ғазал дунёсида,
То саҳар қолдим тафаккурнинг гўзал дунёсида.

Сарвқадларнинг томошоси кўзимни лол этиб,
Зулфлар хушбўйининг юрдим асал дунёсида.

Чеҳралар гул-гул ёниб, гулшанни равшан анламиш,
Осмон аршида эрдим ё Зуҳал дунёсида.

Ҳар ғазалкнм, байтида гардун ўзи чаппор урар,
Истиора, ташбиҳу ҳикмат масал дунёсида.

Томчида офтоб мисол инсон жаҳони товланур,
Бунча бўлмас сарбаланд инсон амал дунёсида.

Бир хазоинул маонийким,  поёну ҳадди йўқ,
Барча фикру туйғулар мавжуд қамал дунёсида.

Васл бору ҳажр бордир, бахт бору дард бор,
Чун Навоийдек абад бирлан азал дунёсида.


СЎЗ ҚАДРИ

Бўлса такрор, қадри кетгай не улуғ сўзларни ҳам,
Сўз билиш — кам, бил яна ўрнин топиб сўзларни ҳам.

Ногаҳоний битта сўз дил мулкини яғмо этур,
Сўз — улуғ қудрат, эритгай тошни ҳам, музларни ҳам.

Кундузи юлдуз тақиб, оламга кўз-кўз айлама,
Қадри бўлгай қоп-қаро тун ичра юлдузларни ҳам.

Сенга бир сўз айтажакман, дилгинамда асраган,
Жам этибман бағрига минг кеча-кундузларни ҳам.

Сўз аро инеон камоли, ёр жамоли жилвагар,
Сарбаланд этгай ғазалда не қаро кўзларнн ҳам.

«Хамса» водийси аро сўз мулкини кездим кеча,
Тингладим яйраб гўзал гулчеҳра, гулюзларни ҳам.

Сўзда ҳикмат, сўзда ибрат, сўзда миллат барқарор,
Яхши сўз бирла топарсан энг азиз дўстларни ҳам.


АЙЛАНУР

Токи ўз меҳворидан бул чархи гардун айланур,
Вақту соат ўзгариб, кундуз билан тун апланур.

Ўзгарур меҳру муҳаббат, ўзгарур дарду алам,
Ўзгарур ггахту итоб — ошкору макнун ўзгарур.

Неки тингай оу жаҳонда, унга ўлмакдир насиб,
Чарх уриб лош устида шул лаҳза қузгун айланур.

Эй, тириклик, минг ташаккур, севги — иқболинг учун,
Севги боркпм, товланиб, минг рангли очун айланур.

Гоҳ висолу гоҳ фироқнинг ўртасинда ўртаниб,
Қалбим ичра пшқ деган туғёнли мазмун айланур.

Суҳбатингда бир нафас бўлмоқ буюк орзум эрур,
Бул жасорат қошида минг битта Мажнун айланур.

Икки сочингким, уруб тўлқин, оқар елканг уза,
Бирда — Сайхун мавж уриб, ул бирда Жайҳун айланур.

Сен омон бўл, сен абад бўл, бу жаҳон гулзорида,
Боқишингдан боғу роғ минг тусда гулгун айланур.

Кўзларингда коинотнинг кўрки яққолдир аён,
Шул сабаб дунё ўзи бошингда мафтун айланур.


БЎЛАЖАКСАН

Дарёга зуғум қилсанг агар, ғарқ бўлажаксан,
Яхшию ёмон бўлса феълинг, фарқ бўлажаксан.

Алданма, унинг ҳам тили йўқ, ҳам дили йўқ деб,
Қатрани қадр айлаки, барҳақ бўлажаксан.

Юз йил яшагил ўзни дебон, заҳр тутунсан,
Бир лаҳза кўрин халқни дебон, барқ бўлажаксан.

Эй, ақл, сени мен демагум асло қуёшим,
Тафтсиз нечаким шуълада ярқ-ярқ бўлажаксан.

Ғарб бирла Жануб, Шарқу Шимол — барча баробар,
Кўнглим, шу сифат шархинг эса, Шарқ бўлажаксан.

Сирлашмоқ ила олам уйи сенга мунаввар.
Бирлашмоқ ила халқ эдингу халқ бўлажаксан.


ОНА ТИЛИМДА

Дунё иши шўх мавжланадир она тилимда,
Ҳар бир сўзи юз маъноли дурдона тилимда.

Изҳори кўнгил чоғи инак товланадир ул,
Жанг лаҳзалари ғолибу мардона тилимда.

Дўстларни ширин даврасида ширу шакардир,
Ҳар жилваси бир гулхану гулхона тилимда.

Бор унда Навоий руҳи-ю, унда Бобур бор,
Ҳар шеваси бир қаср ила кошона тилимда.

Дунёдаги бор илму ҳунар унда жилобахш,
Сўнгсиз хазина, қомусу афсона тилимда.

Кенг бу жаҳон ичра турар ному нишонли,
Қўш дарё аро ўзбегу Фарғона тилимда.


МЕЪМОР

Сингдириб сиркор нақшга санъату илҳомини,
Қурди у машҳур Самарқандда нафис эҳромини.

Неча кўклам ранг олур пештоқининг гулзоридан,
Гумбази ҳайратга солди осмоннинг томини.

Қошида бир шиша урвоғи «Скандар кўзгуси»,
Бир сополдек кўрса бўлгай ёки Жамшид жомини.

Бағри қони, кўз нуридан тошга жон этти ато,
Бахш этиб авлодларга иззату икромини.

Кўрдию оқсоқ жаҳонгир, ҳайратдан қотти лол:
«Ким кетурмиш бу бинонинг бунчалик андомини?!

Тез топинг, келсин саройга, бу маҳоратлар учун
Майли, тақдим айлагумдир истаган инъомини».

У, Бухоро ўғли эрдп, шоҳ лутфин истамай,
Ёзди «Зайниддин иши» деб тошга камтар номини.


НАҚҚОШ ҚЎШИҒИ

Меҳру ишқим оташин тошларга бахш этмоқдаман,
Бул нақшларга юрак қонимни нақш этмоқдаман.

Қалбим ичра икки мавж бор: ишқ бири, илҳом бири,
Ул бирин Норин этиб, бул бирни Вахш этмоқдаман.

То қўшилгач икки мавж туғён яратсин ишқ деган,
Ҳам хаёл водийсида фикримни рахш этмоқдаман.

Зулфизар ёр меҳри қалбимда шижоат қўзғатиб,
Севгию санъатда Моний бирла баҳс этмоқдаман.

Ёқуту гавҳар жилосин тошга ўтказгунча то,
Сўзлатиб рангни, маҳорат бирла дарс этмоқдаман.

Токи минг йилларга етсин севгимизнинг шуъласи,
Эй, олис авлод, сонга дардимни арз этмоқдаман.

Эй, санам, уққил бу достонимни, сендан илтижо,
Неки дил ичра ниҳондир тошга, нақш этмоқдаман.


ИЛТИЖО

Тонг уфқни лолазор этган маҳал,
Боғлару тоғларга сурган чоғда ҳал,
Ҳудди холдек жилмайиб турса Зуҳал,
Сенга дилдан номалар ёзгум келар,
Тасвиринг дафтарга тўлгазгум келар.

Куйларим ҳам ўйларим номинг билан,
Субҳу шомим субҳ ила шоминг билан,
Гар керак бўлганда, илҳоминг билан, .
Мисли Фарҳод неча тоғ қазгум келар,
Тасвиринг дафтарга тўлғазгум келар.

Билмадим бўлгайми сендан бир нидо,
Бир нидо бўлсайди унга жон фидо.
Ушбу шеърим чин кўнгилдан илтижо,
Кўнглим очиб, сенга кўргазгум келар,
Ташрифингга ўзни тўлғазгум келар.

Не ажабким, ярқираб кетгай жаҳон,
Ташрифинг сезмоқдадир муштоқ бу жон,
Ақлу одоб ичра танҳо, меҳрибон,
Бошни осмонларга етказгум келар,
Дилдаги армоиии кетгазгум келар.


ЁНМОҚДАДИР

Кузда ранглар базм этиб, гулхан мисол ёнмоқдадир,
Боғу гулшан, дов-дарахт қирмиз ва ол ёнмоқдадир.

Тоғлар узра нуқра қор, осмонда мовий мавжлар,
Заъфарондир дашту туз, сувлар зилол ёнмоқдадир.

Меваларким, боғ аро минг тусдаю минг тамъ билан,
Истеъмол этганда, қонда ҳудди бол ёнмоқдадир.

Ёпирай, жаннатми бу, ё бир сеҳргар санъати,
Офтоб ранг растасин ёзмиш ҳалол, ёнмоқдадир.

Оппоқ-оппоқ шуълалар ўрлар уфқлар бағридан,
Пахтамиз бу, кўксида минг бир савол ёнмоқдадир.

Тунда боқдим парпираб юлдузлн осмон ўртанур,
Шунча юлдуз сарвари олтин ҳилол ёнмоқдадир.

Севги барқ ургай баҳор, дерлар, азалдан то абад,
Нега кузда кўнглимиз ошуфта ҳол ёнмоқдадир?

Гар ҳаёт ҳукми шу эрса, не учун ёнмас юрак,
Ишқ аро фикр ўртаниб, ҳатто хаёл ёнмоқдадир.

Кўп бепарво боқмагил, кўнглим, бу ёнмоқ олдида,
Эй, ақл, бонг ур бугун, мовий Орол ёнмоқдадир!

Аслида, дунё ўзи ўт ичрадир, ҳайрат нега,
Ҳар нафасда банду-банду хол-хол ёнмоқдадир.

Лек бу дунё ичра бор мангу шараф — мангу олов,
Таъзим айланг қошида, аҳли камол, ёнмоқдадир!

Бўлма маҳрум бул муқаддас шуъладан, кўнглим, сира,
Офтоб бошлар уза то безавол ёнмоқдадир.


ТЕНГ ЁРИТГАЙ ҚУЁШ

Тенг ёритгайдир қуёш ободни ҳам, вайронни ҳам,
Тафтига олгай текис саҳрони ҳам, уммонни ҳам.

Кулди гулзор, ташрифингдан ярқираб кетди жаҳон,
Шуълавор этдинг, қуёшим, ерни ҳам, осмонни ҳам.

Гар табиатда бу янглиғ оқибат бор, меҳр бор,
Сен-чи, тарк этдинг, нигор, шафқатни ҳам, эҳсонни ҳам.

Сенсизин ўтган нафас менга асрлардан йироқ,
Бунча сабрим лол этар ҳушёрни ҳам, ҳайронни ҳам.

Бор умидим, дил уйин равшан этурсан бир куни,
То унутгим бир умр армонни ҳам, ҳижронни ҳам.

Ким бу дунё кўп мураккаб, вақт деган олий ҳакам
Имтиҳон этгай ахир донони ҳам, нодонни ҳам.

Яхшилик қилмоққа бел боғлар жаҳонда яхшилар,
Шул ниятга бахш этиб виждонни ҳам, имконни ҳам.

Сўзларим дил гавҳаримдир, йўғрилибдир нур билан,
Тонмагайсан унда сен кажликни ҳам, ёлғонни ҳам.

Бизга ибратдир заминда боғ яратган боғбон,
Ундирар бир меҳр ила шамшодни ҳам, райҳонни ҳам.

Ушбу шеърнинг матлаи устодлардандир сабоқ,
Эътиқод этгай равонбахш шеърни ҳам, достонни ҳам.


УМРИМИЗ ЙЎЛДАН ИБОРАТ

Умримиз йўлдан иборат, сўнгги йўқ юрган билан,
Кўзларинг тўймас бу дунё кўркини кўрган билан.

Яъни аждоддан келиб, авлодга ўтгайдир умр,
Битмагай умринг, магар беш кун давр сурган билан.

Бахт эрур олам уйига келганинг меҳмон бўлиб,
Бундан ортиқ бахт насиб бўлмайди оҳ урган билан.

Бир иморатдирки дунё, неча авлод ишласин,
Битказиб бўлмас биносин қанчалик қурган билан.

Йўлга чиқдингми, топурсан бахтни, йўлдир — имтиҳон
Ким муродга етди, айт, бир ерда ўлтурган билан.

Юрганинг дарёлигинг, ўлтирганинг — бўрёлигинг,
Корвонсан, олға интил, неча ит ҳурган билан.

Боғ ярат, дон эк ариқ оч, яхшилик қил, дўстгинам.
Бу ҳаёт саҳнида фарқ эт гулни сен бурган билан.


ЯХШИЛИК

Яхшилик қилмоққа шошил, вақт сени кутмас экан,
Сен ярат ўз тақдирингни, бахт сени кутмас экан.

Меҳнатинг бирла етарсан, энг улуғ орзуга ҳам,
Аллақандайдир хаёлий тахт сени кутмас экан.

Энг кнчик оддий зафар ҳам қўлга киргай ишқ билан,
Ўз-ўзидан кафтга қўнган нақд сени кутмас экан.

Аҳд қилмоқ яхшиликка — одамийликдан нишон,
Фурсатинг бир кун етар деб, аҳд сени кутмас экан.

Яхшилик қилмоққа шошил ҳақ йўлинда, дўстгинам,
Ушбу йўлда азму ғайрат, жаҳд сени кутмас экан.


ДЕМА, ЭЙ ДЎСТ

Дема, эй дўст, бу дунёда нечук турфа ўюнлардир,
Дегил, халқ бошида қайдин бу хил оғир қуюнлардир.

Дема, одамлар ичра бу нифоқлар ёғди осмондан,
Дегил, ўз-ўзларин бўғмоқчи бўлган бу забунлардир.

Дема, бу жанг аро ким ғолибу мағлублари кимдир,
Демагил, мағлубу ғолиб йўқ, булар фикри юпунлардир.

Дема, кўксинг аро қандоқ фиғонлардурки, жой тутмиш,
Дегил, юз хил муаммодан туғилган бу тугунлардир.

Дема, аччпқ тўзонларданми кўзда шашқатор ёшлар,
Дегил, Орол уфурган туз билан зардоб кукунлардир.

Дема, оқ водийлар сенга нечук бундоқ қаро бўлдп.
Дегил, оқ пахтазордан бурқсиган ногоҳ тутунлардир.

Дема, ким кўрсатур эрку адолат йўлларин элга,
Дегил, эл раҳномаси — эл ўзи, бағри бутунлардир.

Дема, ушбу қафасдан сен қачоп чиқмоқни истарсан,
Дегил, фурсатни бой берма, ўшал кунлар — бугунлардир!


КОИНОТ ИЧРАДИР

Сарвари олам-жаҳон, эй дўст, коинот ичрадир,
Шул сабабдин Еру осмонлар мулоқот ичрадир.

Меҳрибон Тангрим ўзи танҳо самовот соҳиби,
Юлдузу сайёралар ҳам шул самовот ичрадир.

Каҳкашон йўлинда тунлар кўзларинг сайрон этар,
Билки, эй одам, вужудинг шул тилсимот ичрадир.

Эй, Худой, нури ҳидоят бирла бизга эт карам,
Меҳру ишқинг шуъласи ҳар битта жонзот ичрадир.

Ҳар нафас, ҳар лаҳза меҳрингдан мунаввар кўнглимиз,
Сенга ҳадсиз меҳримиз ҳар бир муножот ичрадир.

Тонг отар — шаффоф жамолингдан кичик бир шуъладир,
Офтоб ҳам битта жилванг шунча заррот ичрадир.

Биз ироданг ҳосили, банданг эрурмиз, раҳм қил.
Бепоён ҳамду санолар ҳам тиловот ичрадир.

Берганинг Қуръон китоб бизга саодат машъали,
Ҳар калима, оятинг тенгсиз мукофот ичрадир.

Айланур йиллар, фасллар, айланур наслу насаб,
Чархи даввор изни ҳам халлоқу ҳаттот ичрадир.

Акс этур яхши-ёмонинг бу ҳаёт кўзгусида,
Ҳам савобу ҳам гуноҳинг ушбу миръот ичрадир.


ҲАЁТ ЭРТАК ЭМАС

Ҳаёт эртак эмас, жанглар бор унда,
Ғолиб бор, ҳоли кўп танглар бор унда.

Ҳаётни тип-тиниқ сой тасвир этма,
Оёққа санчилур санглар бор унда.

Ҳузур ичра яшовчи бахтлилар кўп,
Дилида қайғудан занглар бор унда.

Дема, бўстонга ўхшайдир ҳаст ҳам,
Чамандек неча хил ранглар бор унда!

Ҳаёт бўстон эмас, қайрилма йўлдир,
Машаққат тўла фарсанглар бор унда.


* * *

Демасман, эй шеърим, менга шараф келтир,
Ё тоғдан лаълу дарёдан садаф келтир.

Саломга айланиб эл ичра борсанг, бас,
Кўнгилга эзгуликни сафба-саф келтир.

Силаб ўтгил сабодек хаста дилларни,
Илож этсанг, одам зотига наф келтир.

Жамийки яхшиликни эл томон элтиб,
Жамийки хушхабарни биз тараф келтир.

Нафас ичра туғилган жажжи бир гулсан,
Димоғимга саҳар бўйи Насаф келтир.

Qayd etilgan