Kutubxona > Zamonaviy o'zbek she'riyati

Muhammad Ali. Ona duosi

(1/1)

AbdulAziz:
Ona duosi



Muallif: Muhammad Ali
Hajmi: 254 Kb
Fayl tipi: pdf, zip
Saqlab olish
Online o'qish

ЖАМШИДЖОН:
Муҳаммад Али

ОНА ДУОСИ

Шеърлар

Тошкент
«Ёзувчи» нашриёти
1994

СЕН...

Сен бир гулсан, гулки, уфор исларин
Шамолларга таратмаган, сочмаган.
Илтижоли эсса ел сарин-сарин,
Истаб туриб оғушини очмаган.

Сен бир шароб, қадаҳдаги лолагун,
Лим-лим тўлган, тўкилмоқни билмаган.
Тўкилса ҳам тўкилмаган мен учун,
Қатраси ҳам менга насиб қилмаган.

Сен бир кўзгу, оппоқ тонгдан тиниқроқ,
Тун ярмида ёнган юлдуз нуридай.
Жамолингга термиламан мен, бироқ
Кўзим кўрмас сени сеҳринг зўридан.

Сен бир қўшиқ ҳиссиётли, туғёнли,
Оҳанглари серфусуну сержаранг.
Куйлай дейман кўнгилдаги имон-ла,
Кўнгилнинг ҳам, овознинг ҳам ҳоли танг.

Сен бир орзу, милтираган олисда,
Гарчи ўзга томон элтар йўлларим,
Мажлисингни, вмсолингни дил кстаб,
Қўл чўзаман, аммо етмас қўлларим.

Сен — ниятсан, сен — умидсан, сен ҳаёт,
Борлиқ-йўқлиқ ғамларини емассан.
Сен—роҳатсан, фароғатсан умрбод,
Фақат менинг жонимга жон эмассан!..


ҚИЗЛАР ЎН ЕТТИГА КИРГАНДА

Анҳорнинг бўйида ўлтирар қизлар,
Юракда қайнайди ноаниқ ҳислар.

Бўтана сув оқар лим-лим, лиммо-лим,
Сувдай олиб кетар қизлар хаёлин.

Ўн еттинчи марта, ўн еттинчи бор
Шундоқ кириб келар қалбларга баҳор.

Бу гал қандай бўлур баҳор туҳфаси?
Нелар билан тўлур хотир саҳфаси?

Келармикин ўша ўтлиғ муҳаббат?
Зор, интиқ айлаган қутлуғ муҳаббат?

Ранго-ранг туйғулар айларми инъом?
Орзулар қатпни очарми тамом?

Ва ё маъсумалар бағрин тилурми?
Ранжу изтироблар олиб келурму?

Ким билар? Ким жавоб бера олур? Ким?..
Бош узра осмон ҳам қараб турар жим.

Йироқ-йироқларга қочади шамол,
Бир нима деёлмай дунё боқар лол...

Фақат бўтана сув оқар лиммо-лим,
Фақат чувалади қизлар хаёли...

Бир йигит бор, келишган, гўзал,
Бир ушлаган олмасин узар.

Йўлларида, ҳе, қанча кўзлар,
Ўзин қайга қўёлмай бўзлар!

Бир қиз ҳам бор, ишвакор оҳу,
Йигитларнинг тугамас оҳи,

Ёндирадур оламни, ёҳу,
Қасд айласа қасдли нигоҳи!

Бироқ улар, ҳоҳи эрта-кеч
Бир-бирига етолмаслар ҳеч...


ОНА ДУОСИ

Биринг икки бўлсин нима ушласанг,
Йўлларинг оқ бўлсин тоғлар қорича.
Сен ёруғ дунёда тинч юрар бўлсанг,
Мен дуо қиларман умрим борича.

Кўзингда кўрмасам алам ранжини,
Бошингда кўрмасам тумонот савдо,
Олиб бермасанг ҳам олам ганжини,
Сендан онагинанг ризодир, ризо!

Ҳаётинг бемаъно туюлса, болам,
Қоронғу кўринса бу кўҳна дунё,
Кетсин деб қалбингдан ер юткур алам,
Ёришсин дунё, деб айларман дуо.

Юрагинг қисилса такрору такрор,
Кенгликка чиққин-да, айтгин шўх ўлан.
Бу ҳам ҳасратингга келмаса бакор,
Кўнглингни бўшатгин шеър ёзмоқ билан.

Қадим эртакларни тинглаш создир хўп,
Олтин умрларнн унда кўрарсан.
Сеҳрли ҳаётга маҳлиё бўлиб,
Бевош ўйларингни алдаб юрарсан.

Етишсанг, тўй берсанг юртга мабодо,
Жамшид ҳавас қилсин сенинг базмингга.
Номинг достон бўлиб юрсанг эл аро,
Мурод-мақсадингга етсанг, бас, менга.

Ёмонлар йўлини тутмагил минбаъд,
Фисқу фасодлардан нари бўл, тўхлим.
Олгину олдирма, униб-ўс, фақат,
Тириклай гўримга киритма, ўғлим!


ДАЛАЛАРГА ҚИЛАЙЛИК ТАЪЗИМ

Далаларни йўқлаб қўяйлик,
Қиш бошламай мастона базм.
Юр, шаҳарнинг эркаси, Лайли,
Далаларга қилайлик таъзим!

Тиним билмай кунларинг ўтди
Ташламасдан бир зум шаҳарни.
Мен далалар қўйнида кутдим
Ҳар файзиёб шому саҳарни.

Доно юрак хуноб қилганда,
Ўшаларга ёрилдим фақат.
Тентак ақл қаҳ-қаҳ урганда,
Ўшаларга берилдим фақат.

Вужудимга қуёш қуйилса,
Дардларимни тинглайди улар.
Гоҳ қувончдан гулларга тўлса,
Гоҳо сўлғин инграйди улар!

Бу далалар бағри шунақа кенгки,
Кенгликда нақ еру осмонга тенгки,
Олам дардларини йиғса бўлади!
Олам қувончлари сиғса бўлади!

Унда кузак кезмоқда ҳозир,
Балки йўқдир хандон лолалар,
Нечоғлик соз! Йўқласак ахир,
Яшнаб кетар сўлғин далалар!

Юргил, эркам! Шаҳар бозорин
Ноз-неъматга тўлгани ҳаққи,
Сен кирганда бой дўконларнинг
Қучоқ очиб тургани ҳаққи,

Далаларни йўқламоқ, майли,
Бўлиб қолсин одат ва расм.
Юр, шаҳарнинг эркаси, Лайли,
Далаларга қилайлик таъзим!


* * *

«Хайр! Кўнгил иши нозик,— дедим мен,—
Қайта изим тушмас, бўлди, бу ёққа!»
Нечун кўз ёшингни дарё қилиб сен,
Шижоат топмадинг «Қолгил!» демоққа?

Қайтдим... Дил юзидан ўта олмай мен,
Соғинч олиб келди яна бу ёққа.
Нечун бардошингни адо қилиб сен,
Жасорат этмадинг «Кетгил!» демоққа?

Туйғулар тин олар, хаёллар қотар,
Кўнгил бола мисол тийиқсиз; фақат.
Ўзин ерга урар, осмонга отар
Икки юракдаги битта муҳаббат...


МЕН ТУҒИЛГАН УЙ

I

Сўри узра эгилган ишком
Соя ташлар қуюқ, ёқимли...
Қаердасан, жонажон макон,
Бугун сени ёмон соғиндим!

Баҳор чиқди яна тўн кийиб,
Иўрғалайди йўлларда кўклам.
Ичиқора каби шумшайиб,
Қояларда кўринар кўлка.

Исиб кетди кун ҳам оташнок,
Пешонага ўзини урур.
Ерлар исиб буғланар, бироқ
Исимайди юрак қурмағур.

II

Ишкомларнинг пинжига кириб
Жим турасан, уйгинам менинг.
Келиб кетсин, кетсин бир кўриб
Демакликка тилинг йўқ сенинг.

Чет қишлоқнинг сўнгги нуқтаси,
Сўнгги боғи, уйгинам меним!
Қўйворилган отим нўхтаси,
Қамчилайман уни бетиним!

Мен, шубҳасиз, сенга қайтаман,
Яшамоқдан шулдир муродим.
Сен бўлмасанг, унда нетаман?
Резгиланиб кетар ҳаётим.

ЁШ боладай суярман гоҳи
Энтикиб қошингга борганда.
Ва кўкларга кўтаргум, токи
Ўзбек қони қайнаркан танда!

III

Сен, наздимда, дунёдай қадим,
Сен, наздимда, тонг каби порлоқ.
Шодликлардан юксалар қаддим,
Хаёлларим узундир бироқ...

Сен, наздимда, ғунчадай маъсум,
Сен, наздимда, ишқдай баркамол.
Лабларимда ўйнар табассум,
Борлиғимни чулғайди хаёл...

IV

Соя ташлар қуюқ, ёқимли,
Сўри узра эгилган ишком...
Келдим-ку, эй, мен-чун суюмли
Ватан бўлган жонажон макон!

Меҳр-шафқат, ҳису ҳаяжон —
Ҳаётимда бўлса неки бор,
Қарамадим юзига тамом,
Дўстларимга айладим нисор!

Энди барин сенга атадим —
Бисотимда қолган меҳримни.
Юрагимдан силқиган дардим,
Куйиб-пишиб ёзган шеъримни.

V

Балки кечдир сенга қайтганим,
Бепарволик қилдим эҳтимол.
Лекин турар, жажжи ватаним,
Кўз ўнгимда шундайин бир ҳол:

Бу дунёнинг эртасин ўйлаб,
Чўзиларкан бизнинг бпсту бўй,
Сафарлардан соғинчни куйлаб,
Кеч қайтамиз доим, Она уй!

Юзимизга солмайсан асло,
Қаршилайсан жимгина, зотан —
Бизлар — бола, беташвишнамо,
Сен, ташвишли онасан, Ватан!


БУХОРО ГЎЗАЛИГА

Ул париваш бу чаманнинг бир гули хандонидур,
Кўзлари юлдуз эса, зангор рўмол осмонидур.
Маҳбус ўлмоқ истасанг гар, кел анга кўнгилни бер,
Ваҳ, анинг қалби Бухоро Аркининг зиндонидур!


ИРМОҚ

Ирмоқ, сен эмасми, у чопқир ирмоқ,
Эзгу ниятини куйлаган умр?
Бедаво дашт аро кўринган маёқ,
Зулматлар бағрида милтиллаган нур?
Қўнғироқ ҳисларинг сарҳадсиз мунча,
Мунча кенг бўлмаса сенинг оламинг?
Эҳ, не-не очилмак истаган ғунча
Интиқ кутишмакда пойи қадаминг!
Сен сурон сатҳида суриниб, синиб
Оҳиста олдинга одим отасан.
Майсалар баргига ранглардай иниб,
Мудраган тошларни эзиб ўтасан.
Ҳаёт-ку, аслида, бўлмас осуда,
Аслида уйқудан ўзи уйғотар.
Қарагин, теппангда булутлар тўда,
Йўлингда тепалар тил билмай ётар.
Беқарор қумлар-чи, эзғилаб сени
Кўнглингга кирмоққа ошиқар беҳад.
Уларга не керак, не керак энди,
Ахир ёш жонингга қилишсин шафқат!
Сен дегин уларга: «Эй, ғами йўқ тош,
Эй тил билмас тепа, эй заранг бағир!
Нечун зулм қиласиз, нечун, мен бевош,
Тил бермак истайман сизларга ахир!»


ЯНГИ ЙИЛ КЕЧАСИДА

Суҳбати соз эди, давра — қиёмат!
Лоладай қизармиш қадаҳлар бари.
Юрак-юрагидан йигитга фақат,
Фақат бахт тилашди ёру дўстлари.
Ҳаммага бош эгиб қўяр паришон,
Хаёллари эса даврадан йироқ.
Янги бахт тиларди дўстлари ҳамон,
Ул эски бахтини қўмсарди бироқ...


ФИЛ БИЛАН ЛАЙЧА

Фил лайчага деди: «Кўриб турибсан,
Нима топдинг мендай филга ҳуриб сан?»
«Ҳуришми...
Бу — менинг ишим!»— дер лайча.
«Сендайлардан қўрқмайман-ку, биласан,
Шуни билиб, акиллаб не қиласан?»
«Қўрқмасанг...
Бу — сенинг ишинг!»—дер лайча.


* * *

Йўл бўйида турарди тўнка,
Қоқиларди одамлар унга...
У-чи, дилда туярди ғурур:
«Бир чеккада ётсам ҳамки хор,
Одамларга кераклигим бор...
Кетмаётир бекорга умр!»


ЮРАГИМ

1

Қайларгадир интилмаган жимгина,
Шовқинлардан, суронлардан йироқда.
Тўқишларим оддийгина, жўнгина,
Кўчирмадим ҳали уларни оққа.
Шодликними, қайғуними ахтариб,
Хаёлларим элдан бурун чопарлар.
Шамоллардай кезнб бобош, сарсари,
Дўстларинми, душманпнми топарлар.

2

Шодлик қайдан келар экан, ажабо,
Қайғу эса қаердадир яширин.
Бир-бирларин кўролмаслар доимо,
Гоҳ иккисин қилолмайман ажирим.
Инсон илк бор келганида дунёга,
Томоқ дарди унга эди ошино.
Шодлик, қувонч қайдан келди бинога,
Қайдан чиқди қайғу деган муаммо?

3

«Ёлғиз» куйин тинглайману, дўстгинам,
Нимадандир зирқирайди вужудим.
Чўлда танҳо қолган каби бўлурман,
Ҳеч бормикин ёлғизликнинг ҳудуди?
Мана, рубоб чидай олмай йиғлайди,
Торларини узмоқчими дутор, воҳ!
Ғижжак шўрлик ўз бағрини тиғлайди,
Фақатгина... донрадир бепарво.

4

Тамаки, ҳа, дўстим, эмас безарар,
Оғу каби қуйилади танамга.
Нолимайман, лекин ҳар шому саҳар,
Аччиқ тутун тўлиб олса хонамга.
Ўз ишини билиб қилар инсонлар,
Гоҳ насиҳат бефойдадир уларга.
Мен чекаман хаёлда зўр ишонч-ла
Тутунлардан фориғ бўлмиш кунларга.

5

Тоғ бошига чиқиб кетдим девнамо,
Бир томоша айлай дея водийни.
Водий гўзал: тинглаб бўлмаскан аммо
Қўй-сигирлар маъраши — имдодини.
Ариқларнинг жилдираши йироқда,
Булбуллариинг олислиги ҳақиқат.
Бунда совуқ; Ер шовқини қулоқда,
Булутлар-ла ошно тутиндим фақат.

6

Юксакларда, қора осмон остида,
Онда-сонда қўниб ўтаркан булут,
Заҳмат шоҳи — Прометей устида
Жигар чўқиб ётар ҳали филбургут.
Бизга аён, бургут кучи ҳад билмас,
Прометей омон қолмоғи душвор.
Лекин, ажаб, бизларнинг-чи, бургутмас»
Ул инсонга ишончимиз улуғвор.

7

Мен истаган ҳаёт ҳали олддадир,
Меҳри билан, қаҳри билан жамулжам.
Баъзан юрак қурғур ўзин алдайди,
Дейди: «Мана ўша ҳаёт, ўша дам!»
Йўқ... Ҳисларим яна олис йўлдадир,
Бирга юрак қўрқуви ҳам далдаси.
Мен истаган ҳаёт ҳали олддадир,
Бугунгиси, фақат унинг ваъдаси.

8

Йўқлик коми тортиб кетди кунларим,
Хотирадай қолди ёлғиз хаёли.
Қандай кечди кундузларим, тунларим?
Булар бари сокин дарё мисоли.
У кунлардан нега рози эмасман?
У кунларни кўргани йўқ кўзларим!
Бугун шундай ҳақиқат-ла мен мастман:
Ақлимиз кеч кирар экан, дўстларим.

9

Ёруғ ҳаёт берган қувонч, лаҳзалар,
Гўё лабга тегиб соб бўлган шароб.
Тинчланолмас юраккинам, қанчалар —
Жуфт оҳу кўз дилга солган изтироб!
Мен англайман шунда инсон шахсини,
Ўйлайманки, бу таъбирим жоизроқ:
Шодликда у олгай тоғлар таҳсинин,
Қайғуда-чи, чумолидан ожизроқ...

10

Ҳақиқатим бўлар эди ягона,
Хаёлимга кирган қаро кўзгача.
Менга қайғу, ташвиш — бари бегона!
Ҳайҳот, ҳаёт ҳақиқати ўзгача!
Келишолмас ўшал икки ҳақиқат,
Ҳар сония тўқнашарлар иккиси.
Шундан ҳаёт даккиси ҳар дақиқа,
Шундан кўнгил ўқтин-ўқтин йиғиси...

11

Яширмайман, нелар кутиб ҳаётдан,
Кўзларимга жо этганман кечалар.
Кута-кута, олий умидга зотан,
Етолмайин ўтиб кетди нечалар!
Не кутасан қовуштириб қўлингни?
Мўминларга ахир ҳаёт бегона!
Англагилки, ким истайди ўлимни,
Кутмоқликка мажбур бўлади яна...

12

Кимларнингдир, балки, бахтин қўриқлаб,
Тортишамиз фақат жўшқин ва дангал.
Лекин шунда ўз мақсадин улуғлаб,
Бахтимизга кимдир солади чангал.
Биз билмаймиз, дунё ишин измида
Айтишамиз, койишамиз, юрамиз.
Барчамизга парво қилмай, жимгина —
Ўз йўлида айланади куррамиз...


* * *
Қоронғу кўчада танҳо келардим,
Бу ерларда итлар борин билардим.

Ногоҳ ҳуриб қолди бир кучук: «Вов! Вов!?
«Бас!» деб, тинчитмоққа уриндим дарров.

Ёмон бўлар, кучук агар хитланиб
Уйғотиб юборса катта итларни...


ВАТАН

Йўлим тушди сендан кўп йироқ,
Ҳузурингга қайтгумдир бироқ.

Ахир, айт-чи, бегона элда
Қимнинг бахти, ҳаёти кулган?

Кўкка отсанг, ҳатто ҳиссиз тош
Ерга қайтар, олиб кетмас бош...


* * *

Санамгул! Ўхшашинг йўқдир жаҳонда,
Сен мангу яшайсан сирли маконда.
Балқиган жамолинг кўргани онда,
Уялиб ловуллай беради қуёш.

Санамгул! Сочларинг эрк тимсолими?
Ўзин ҳар ён ташлар толим-толими,
Недандир хомтама ошиқ холини,
Холингдай қорайтма, золим қаламқош.

Санамгул! Дилимни доғлама пинҳон,
Дилимни, йўлимни боғлама пинҳон.
Бургутга — осмон, полвонга — майдон,
Йигитга ёр керак, ёрга-чи, сирдош.

Санамгул! Башарнинг порлоқ фарзанди,
Исмингни ким айтса бўлғувси банди,
Бунча сеҳргарсан, тантисан, танти!
Битта жон сенгадир, омон бўлса бош.

Санамгул! Ўхшашинг қани жаҳонда?
Жабру жафойингдай жабр қаёнда?
Зулм қил, не бўлса, майли, имконда,
Тоғликлар отгувси ахир фақат тош!


ҚИЗ ҚЎШИҚ АЙТАДИ

Қиз қўшиқ айтади юраги тўлиб,
Нурафшон туюлар зим-зиё кеча.
Қиз қўшиқ айтади юраги тўлиб,
Қийқирар тутолмай ўзин бир неча.

Қиз қўшиқ айтади юраги тўлиб,
Мен чиқиб кетаман осмон-фалакка.
Қалбимга қайдандир шеърлар қуйилиб,
Ул осмон-фалакда қўймаслар якка.

Қиз қўшиқ айтади юраги тўлиб,
Мен арши-аълога бориб етаман...
Шунда кимдир «Дўст! Дўст!..» дейди суюлиб,
Етти қат ер ичра кириб кетаман!..


ПИЁДА

(Шахмат)

Ёлғиз ўзим енгаман дер,
Бош кўтарар пиёда.
Ўзин чоғлар бамисли шер,
Минг лашкардан зиёда.

Олға босар, олға фақат,
Турғунликда не маъно?
Учраганга қилмас шафқат,
Шафқат ҳам кутмас аммо.

Гар жангларда омон қолур,
Етар умр сўнгига,
Унда вазир муҳрин олур,
Кекса шоҳ кўз ўнгида.

Суронларга сингмиш умр,
Ўқлардан қон сийнаси.
Қаранг, шўрликка барибир
Шоҳлик бўлмайди насиб...


НАВОИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Хаста дил эрдим, девона, оҳ, у дилжў келмади,
Ул чамандин ғойибона ёки хуш бў келмади.
Ёди бирлан ёна-ёна, тилга бўр «ҳў» келмади,
Кеча келгумдир, дебон ул сарви гулрў келмади,
Кўзларимға кеча тонг отгунча уйқу келмади.

Аҳли ишқнинг толеиму не жафо еткурса ёр,
Наки танда бор мадору наки дилда бир қарор,
Гаҳ турармен ўлтириб, дунё бўлиб кўзимға тор,
Лаҳза-лаҳза чиқтиму чектим йўлида интизор,
Келди жон оғзимға-ю ул шўхи бадҳў келмади.

Гоҳ нурафшон, тийра гоҳи, бир муаммодир ҳаёт,
Неча бор шарҳ айлабон қолсам, не тонг, минг бора мот,
Эмдиким, не наф ўзинг гар ерга ур, осмонга от,
Оразидек ойдин эрконда гар этти эҳтиёт,
Рўзғоримдек ҳам ўлғонда қоронғу келмади.

Ул ситамкор сабридинким сўзладим хор, хокисор,
Ул жафокор жабридинким бўзладим мен зор-зор,
Не ажаб, дил қонмаса, ортиқ ўзимдин этмай ор,
Ул париваш ҳажридинким йиғладим девонавор,
Кимса бормуким, анга кўрганда кулгу келмади.

Заъфарон эрсам вале сўлмам, ки сўлдурманг мени,
Бўлдиму қонимға ташна, қайта бўлдурманг мени,
Мен-ку ундан олмағум кўз, зинҳор олдурманг мени,
Кўзларингдин неча сув келғай деб ўлтурманг мени,
Ким бори қон эрди келган, бу кеча сув келмади.

Севгида Тур тоғи бир ён, бир тараф чаҳи адам,
Олмашиб турғай наво, ҳар бир навода зеру бам,
Ваҳ, унга ҳасрат — оно, ғурбат — ото, сингил — ситам,
Толиби содиқ топилмас, йўқсаким қўйди қадам
Йўлғаким, аввал қадам маъшуқи ўтрў келмади.

Ул гули ҳумро келур, фармониға сунғил бўйин,
Эй Али, дард созин ол, чалгил гирифторлик куйин,
Гар келурман, дебди ёр, бас, сен шукур қилғил, сўйин,
Эй Навоий, бода бирла хуррам эт кўнглинг уйин,
Не учунким бода келган уйга қайғу келмади...


* * *

Том бошида ёйилган хирмон,
Дон шопирар буғдойранг аёл.
Гоҳ кўзлари бўлиб нигорон
Йироқлардан чорлайди шамол.

Ғув-ғув эсиб қолар шабада,
Дон қуйилар ғалвирдан шов-шув,
Пастда эса, мўъжаз кулбада
Ўғилчаси ётар беуйқу.

Ҳув нарида, тоғлар бошида
Куйлаб ётар шалола шов-шув.
Ва аёлнинг шундоқ қошида
Сирғанади шабада ғув-ғув...

Дон шовуллар, шовуллар хаёл,
Мавжудот ҳам қайтарар садо.
Эсишини ҳеч қўймас шамол,
Ғалвирда ҳам дон бўлмас адо...


АМИР ТЕМУР ҚАБРИДАН ОВОЗ

«Эй муаррих!— деди қабрдан овоз.—
Бас! Бундоқ гапларга эмасман муҳтож!
Тори узилса ҳам соз — аталур соз,
Бошдан тушганда ҳам тож — барибир тож!»


ТОПИШМОҚ

Топишмоқ айтасиз, қийин топишмоқ...
Топишмоқ, сиз билан қийин, топишмоқ...

Шундай топишмоқсиз, ечими бўлмас,
Топсам ҳам жавобдан бу кўнгил тўлмас.

Жавоб топа бнлмай топишмоқларга,
Кетганлар бор олиб бош йироқларга.

Аммо сиз ёнимда, ёнимдасиз, оҳ,
Табиат менга бахш этган топишмоқ!

Сизни-ку топарман, топганим чоғда
Ўзимни йўқотиб қолдирмай доғда.

Жавоб топайин деб, сизга бойланиб
Ўзим топишмоққа қолдим айланиб...

Топишмоқ айтасиз, қийин топишмоқ...
Топишмоқ сиз билан қийин, топишмоқ...


* * *

Қачонлардир яшаган Ҳайём
Деган эди: «Дунё бебақо.
Мен ҳам бир кун ўлгум, вассалом
Тупроқ бўлур дурри бебаҳо».
Қачонлардир яшаган Хайём.
Ажаб, шундай экан-да дунё!
Ҳайём ўзин этади инкор.
Ундан қолмиш дурри бебаҳо
Ҳануз тирик, ҳануз фусункор!
Ажаб, шундай экан-да дунё...


РИВОЯТ

Қадим Шарқ аҳлида бордир ривоят:
Эмиш, Амир Темур тушибди Шероз.
Тиғиз бўлса ҳамки фурсати ғоят,
Жаҳонгир бул юртда тўхтабди бироз.
«Олиб келинг!»—дея қилибди амр,
Ҳамма ҳар тарафга елибди шу он.
Олиб келишибди: бир одам, фақир,
Фақир, бечораҳол, озғин ва нимжон.
Амир ғазабланмак ўрнига шу пайт.
Унинг лабларидан парвоз қипти байт:
«Агар он турки Шерози ба даст орад, дили моро,
Ба холи ҳиндуяш бахшам Самарқанду Бухороро!
Ушбу байтни битган сенми, эй банда?
Сенми ўша Ҳофиз — булбули гўё?»
«Ҳа, амир, ўша — мен. Қисмат экан-да,
Магар гўзал турур шерозлик раъно,
Шаҳармас, жондан ҳам кечишга бормен!..»
«Бас, ушбу калиманг ёд айла бебош,
Ва билким, бир ишга доим тайёрмен:
Афв этмам, отса ким Ватанимға тош!
Бухорои шарпф — белим қуввати,
Самарқанд — чеҳрамға кўрк ила ҳусн.
О, сенунг журъатинг — кимнинг журъати,
Бир гўзал холига бердинг иккисин?»
«Амирим!—дебди-да тўннинг ичидан
Яланғоч кўкрагин кўрсатибди у,—
Қўлимнинг шу қадар очиқлигидан
Сиз кўрган аҳволға тушиб қолдим-ку!»
Қаҳ-қаҳа собиди Кўрагоний ҳам,
Айлабди ғазабу қаҳрин бегона.
Сарполар берибди, қилибди карам,
Сўнг яна бўлибди йўлга равона...

Эй, Ҳофиз, эй танти шоир, зукко таъб!
Қарамай сарф этган бойлигу зарни!
Ким сени айтолур бечораҳол деб,
Бир холга берсанг гар икки шаҳарни!
Маҳбубанг бўлса ҳам золим шунчалар,
Қилган ҳимматингга қойил қолурман.
Мен ёрга бергайман на уй, на шаҳар,
Мен фақат қалбимни бера олурман.
Чунки қизиқтирмас уни сийму зар,
Гавҳару дурларга йўқ унда ҳавас.
Шаҳрингни қўй, дейди, керакмас шаҳар,
Қалбингни бер менга, қалбинг бўлса бас!


ИККИ КАРРА ТУҚҚИЗ
(Ҳазил)

«Ўнта ўпич бермоқчи эдинг,
Мана энди бўлди саккизта...»
Қиз куюнар: «Йўқ, тўққизта денг!
Сал ҳисобдан адашибсиз-да!..»

Бир бошидан санаб чиқар қиз,
Ўзгачароқ ҳисоблар йигит:
«...Икки, уч, тўрт, беш... олти... саккиз!»
Бечора қиз хит бўлади, хит.

Айланди-ю ҳазил гап чинга,
Йигит деди: «Билсанг, ойжамол,
Зор эмасман, жа... ўпичингга!
Берганларинг барин қайтиб ол!»

Шундай қилиб қув йигит, мана,
Олганларин қайтариб берди:
Гул лаблардан бўсанинг яна
Нақ тўққизин бирма-бир терди...


ҚУЗИЧОҚ

Яшил ўтлоқ эркаси, сакрай-сакрай тинмайсан,
Оламда не гаплар бор, англамайсан, билмайсан

Майсаларга эгиб бош, курт-курт қиласан доим,
Онанг суюб, юнгларинг ялаб қўяр мулойим.

Нарироқда аллаким сени кузатар шу чоқ,
Кўзларида недир бор, ёнида совуқ иичоқ.

Сенга боқиб кўзлари тиниб кетса ажабмас,
Сенга қадар пичоғи синиб кетса, ажабмас...


ИЛТИЖО

Шоҳимардон тоғларига юр,
Пешанага тегсин шамоли.
Чиқайлигу, нигоҳи мағрур,
Қолдирайлик шаҳарни холи,
Пешанага тегсин шамоли.

Шаҳарнинг ҳам тегдик жонига
Кундузи ҳам, оқшомлари ҳам.
Салом айтиб, Ер ўғлонига,
Сайр этайлик тоғ шомлари ҳам,
Кундузи ҳам, оқшомлари ҳам...

Шаҳардадир ҳаётнинг насри,
Минг қилса ҳам шаҳар бағри тор.
Олам қўйни, дунёнинг бағри
Менинг юрагимда барқарор!
Минг қилса ҳам шаҳар бағри тор.

Тоғ дарёсин кечайлик бирпас,
Ўпка шимсин чинни ҳавони.
Биллур ҳаво шаҳарни эмас,
Хуш кўргувси шошқин дарёни!
Ўпка шимсин чинни ҳавони.

Юр, кўнглингни ўкситмай ахир,
Тоғ-тошларга олиб кетайин.
Гар хуш келса ям-яшил бағир,
Узоқ-узоқ қолиб кетайлик.
Тоғ-тошларга олиб кетайин.

Эланишим истайсанми ё,
Сардори дил, гапимга кўнгил!
Турмушидан бўлолсин ризо,
Бу кенгликка ўрганган кўнгил!
Дил сардори, гапимга кўнгил...


* * *

Суманбарим, қайғурмагил ҳеч,
Санамагил ташвиш деб буни.
Шу ташвишинг дея эрта-кеч,
Кўзларимдан қувдим уйқуни.

Кундузлари йўқ менда тиним,
Ҳар кун тургум субҳн саҳарда.
Наҳот сен-чун топплмас, меним,
Биронта уй азим шаҳардан?

Ўртанаман, ёнаман, ёлғиз
Шаҳри азим боқади лоқайд.
Прописка бўлмаса, ҳой қиз,
Қайтурмисан қишлоғингга, айт?

Қисматимиз бир экан, ҳайҳот,
Чигаллигин, майли, қўятур.
Юр, азизим, шу эрса ҳаёт,
Кўрмаймизми бахт синаб бир қур?

Балки ишлар келар ўнгидан,
Бахт ҳам кулиб боқар бизларга.
Уй олармиз, ҳатто сўнгида
Бой бўлармиз ўғил-қизларга.

Гар шаҳарда йўқ бўлса уй-жой,
Қўй, чиқмасин оҳинг фалакка.
Кўк бағрида яшагандек ой,
Прописка қилгум юракка!

Ҳеч чораси бўлмаса агар
Бу жойларни кетармиз ташлаб.
Қишлоқ бор-ку, майли, шу шаҳар
Яшаб кўрсин; бизларсиз яшаб!


* * *

Тенгингни кўрмасмен бу баҳру барда,
Мислингга мос эрмас кўн-да, қамар-да!

Кўзларинг нуридин чекилур, «мен» деб
Юлдузлар ўртага тушса агарда.

Сўйласанг, сўзингга қулоқ бергали
Иштиёқ зўр эмиш қаиду шакарда.

Жилмайсанг, тишингдан уялибди дур,
Денгизга урибдир ўзин гавҳар-да!

Висолинг баёни саҳфаларда жо,
Камолинг битилмиш тўртта дафтарда.

Тонг чоғи ният эт, дерлар, етарсен,
Илтижо қилармен шу важ саҳарда.

Васлу висолингдан умидвор Али
Номингни атагай ҳатто маҳшарда!


БУЛБУЛ

Булбул чаманларда айласа наво,
Ўғлон бобосидан сўрайди нуқул:

«Овози яхши-ку, нимага, бово,
Фақат баҳор чоғи сайрайди булбул?»

Чол кулар: «Биларсан уйлик бўлганда,
Бир куни бошингга тушар бегумон».
Аммо булбул зорли чах-чах қилганда
Яна бобосини тинчитмас ўғлон.

«Билиб ол!— дейди чол.— Булбул ҳам ёр деб,
Кечалар чарчамай сайраб чиқар маст.
Ёрига етишгач ташвицш ортиб,
Шўрликнинг сайрашга вақти ҳам қолмас!..»


ҚАЛАНДАР УМРИ
(Саъдий «Гулистон»ини ўқигач)

1

Бостириб кийганча кулоҳини у
Девордан бўйнини чўзиб қаради:
Чалдевор. «Эҳ, дунё деганлари шу...»
Бостириб кийганча кулоҳини у
Хароба ҳовлидан ўтиб боради.

2

Кашкулин кифтига ташлаганча у
Қайрилиб ортига бир-бир қаради:
Итни «ол, кишт»лашар болалар қий-чув...
Кашкулин кифтига ташлаганча у
Тўполон кўчадан ўтиб боради.

3

Асога оҳиста таянганча у
Бош тутиб теграга маъюс қаради:
Поёнсиз бир саҳро. Атроф қоронғу..
Асога оҳиста таянганча у
Кимсасиз саҳродан ўтиб боради.

4

Сийрак соқолини чимчиб-чимчиб у
Чўққидан водийга суқли қаради:
Пастда ётган дунё нақадар сулув!.
Сийрак соқолини чимчиб-чимчиб у
У сулув дунёдан ўтиб боради!


* * *

Сувга тушган тош каби беғам,
Бепарвоман, кошки десам дод.
Қисматимиз шу экан, жўрам,
Қоқ иккига бўлинган ҳаёт.

Билолмайман, не бўлди ўзи,
Нечун энди биз бошқа-бошқа?
Нечун сенинг қизармас юзинг,
Нечун мен ғарқ бўлмайман ёшга?

Оёқ тираб туриб олсанг ҳам,
Тақдир ҳукмин айларми ижро?
Уртамизда, наҳот бекарам
Қиличини ўйнатгай ҳижрон?

Икки ёққа кетдик иккимиз,
Дўст эдик-ку бир тана, бир жон?
Ўкинсанг-чи, сен ахир маъюс,
Йиғласанг-чи бағринг бўлиб қон!

Мен юрагим зах ерга бериб,
Ўртансам-чи қолгандай ғамда?
О, қанийди, сенга ёлвориб
Шеър ёзсам ҳеч бўлмаганда!..

Йиғлагали топмадинг имкон,
Ғамлар аро юрмадинг ҳориб.
Қизиқ, мен ҳам юрак тўла қон,
Шеър ёзмадим сенга ёлвориб...


ОНА ЕР АЛЛАСИ

«Спитомин ўлди» — дерлар шу палла...
Она насибаси доимо: «Алла,
Алла-ю алла...»

Қўйдилар, Спитомин, сени қабрга,
Йўқ, йўқ, қабр эмас, она бағирга!
Алла-ю алла!

Мен ахир онангман, мен — она тупроқ,
Мункиган чоғингда сен суянган тоғ,
Алла-ю алла.

Келгинди ёвузлар ҳоли бўлди танг,
Миннатдор онангман, миннатдор онанг...
Алла-ю алла.

Ханжар тутган ахир доим мард бўлмас,
Искандар ўзи ер искамай қолмас
Алла-ю алла!

Сен фақат чарчадинг, ором ол ухлаб,
Отинг ҳам нарида юрибди ўтлаб,
Алла-ю алла.

Эгарнинг қошига осиғлик қилич,
Тиғида нур ўйнар, нурларки, нотинч...
Алла-ю алла...

Терладингми, дейман, юзу бошинг нам,
Еки кўз ёшларим томдими, билмам,
Алла-ю алла...

Қўзғалма, қўзғалма, ухлайвер ҳали,
Олдинда уйқудан турар маҳали.
Алла-ю алла...

Унгача отинг ҳам ўтлаб олади,
Унгача алла ҳам тугаб қолади...
Алла-ю алла.
Алла-ю алла...


ЭЪТИРОФ

Ошкор айта қолай, яширмай ҳаргиз:
Сизни суядирган мен ўзим, ўзим.
Ўзбеклар элида биргина, ёлғиз,
Сизни деядирган мен ўзим, ўзим.

Неча ойлар ошиб, неча йил ошиб,
Булутдай тутошиб, шамолдай шошиб,
Мадҳу мақтовингиз дилимда ташиб,
Элга ёядирган мен ўзим, ўзим.

Етай десам, сизга етиб бўлмаса,
Кетай десам, сиздан кетиб бўлмаса,
Нетай, сифотингиз битиб бўлмаса!...
Куйиб-куядирган мен ўзим, ўзим.

Оҳ, десам, оғзимдан сачрайди учқун,
Ер ила самони дуд босгай бутун,
Лекин юрт таҳдирин ўйлабон бугун
Тилин тиядирган мен ўзнм, ўзим.

Қаро кўз, мен сизни севармен аён,
Гувоҳлик бергувси Ер билан Осмон,
Сизга меҳр қўйдим, йўқ энди гумон:
Жондан тўядирган мен ўзим, ўзим...


* * *

Ёмғир ёғар майдалаб,
Мусаффодир боғлар ҳам.
Шаффоф томчига қараб,
Сени эслайман, санам.

Икков бирга бўлган он,
Ёмғир шундай ёғарди.
Гуллар тараниб алвон,
Балдоқчалар тақарди.

Чеҳранг яшнаб кетарди
Томчидай тиниқ жамол...
Сирғанг ялт-юлт этарди
Ёмғир томчиси мисол...

Ёмғир томчиси мисол
Талпиндик олам сари.
Бизни чорлади иқбол,
Орзуларнинг йўллари.

Йўллар экан хилма-хил,
Хатар экан сафарлар,
Юрар манзилма-манзил
Мағлубият, зафарлар...

Дийдор кўришмоқ гумон,
Қайда энди хаёли?...
Яшасак-да ёнма-ён
Икки сирғанг мисоли...


БЕКИНМАЧОҚ

Оппоқ кечаларда кўчалар тиниқ,
Ўша бекинмачоқ ўйини кетар...
Бурчак-бурчакларга биқиб, беркиниб,
Сукунат қўйнида болалар кутар.

Паккада қолардим мен эса ҳар гал,
Мен излаб топишни яхши кўрардим.
Садақайрағочнинг ортига гўзал —
Қизча ҳам яшринар — шундайди дардим.

Қидириб у қизни топардим доим,
Болалар норизо бўлгани онда
Ёнимда турарди кулиб мулойим,
Уни топганимдан боши осмонда...

Бугун ул дўстлардан дарак йўқ, мана,
Бугун ул қизалоқ қайдадир, ҳайҳот!
Улкан ўйинларга тортди замона,
Бурчак-бурчакларга яширди ҳаёт!

Ташвишлар тоғини орқалаб азод,
Тонг билан чиқаркан катта кўчага,
Бир лаҳза, бир лаҳза орзиққанча, шод,
Қайтгим келар ўша оппоқ кечага...

Дўстлар, бошингизда қандайин савдо,
Қандайин шодликдан ёнасиз бугун?
Бугун тепангизда тиниқми само?
Бугун дилингизда йўқмидир тугун?

Оппоқ кечаларда мурғак дил аро
Рўёбга чиқмоғин кутган орзулар
Бугун барг ёздими ям-яшил ва ё
Маъюс хотирага айланди улар?

Сен қайга яшриндинг, эй мулойим қиз?
Қидириб сени ҳам топмайин қолдим.
Беркингандай осмон қаърига юлдуз,
Сен ҳам муаммолар ичра йўқолдинг.

Сен дилбар қиз эдинг, хушчақчақ, лобар,
Топдингми ўзингга муносиб бир ёр?
Тинчмисан, соғмисан, хабар бер, хабар,
Бахт олиб келдими сен кутган баҳор?

Балки сен, моҳпайкар, гулруҳ, нозиктаъб,
Дунё маликаси дегулик бир қиз,
Қайси бир нодоннинг раъйига қараб,
Турмуш кечирасан ночор ва ҳиссиз?..

Бекинмачоқ дедик, яшриндик охир,
«Беркин!»— деб ланг очди ҳаёт ҳам қўйнин
Бугун, мана, кўрдим, қанчалар оғир,
Қанчалар бешафқат экан бу ўйин!

Гулни беркитгандим, қолибди хазон,
Ўтни яширгандим — кул топдим фақат.
Яшриндими, ортиқ қайтмагай имкон,
Яшриндими, қайтмас ортиқ муҳаббат!


КУЗ

Заъфарон боғларни оралаб юрган
Тўлишган аёлга ўхшаб кетар куз:
Ҳаёт салмоғин ҳам чамалаб кўрган,
Турмуш лаззатин ҳам тотиган гулюз.

Гарчи қолиб кетди оловли ёшлик
Умрнинг ўткинчи баҳор, ёзида,
Ҳали қарашнда пинҳон бебошлик,
Завқларга сирдошлик бор пардозида...

Табиат! Аёлга бахш этгил ҳуқуқ!
Ҳозир у не йўлни тутмоқни билмас:
Қаҳратон қишга-ку қўл бергиси йўқ,
Нурли ёз қўлин ҳам қўйгиси келмас...


* * *

Хаёлимни, ўйларимни водийга сочдим:
Ажаб, водий яшнаб кетди, кўрк-чирой очди.

Ғуруримни инъом этдим кўк ўпар тоққа:
Тоғ гердайиб назар солди йироқ-йироққа.

Осмонларга баланд қўйдим овозим бирдан:
Осмон яна юқорилаб кетди-ку Ердан!

Аламимни жарликларга солгандим тўкиб,
Жарлик баттар чўкиб кетди, яна ҳам чўкиб...


БИР ЖОЙ

Дедилар: «Ёр кетди, кўп чекмагил ғам,
Кўнглингни бир жойга қўй, шундан фойда».
Оҳ, кўнглим бир жойга қўяйин, десам,
Бир жой жойидамас... у ҳам бир жойда!..


ШАРИФА

Сени қора дедилар,
Сени хафа қилдилар, Шарифа, Шарифа,
Аммо ноҳақ эдилар,
Менинг қалбим тилдилар, Шарифа, Шарифа.
Кўзинг кўзимда эди,
Кўнглинг кўнглимда эди.
Мисли фаришталигинг
Тушмас, ўнгимда эди.
Ёшинг ёшимда эди,
Ошинг ошимда эди.
Сенга тушган хижиллик
Менинг бошимда эди!
Фисқу фужур тақдилар,
Таъбингни тун қилдилар, Шарифа, Шарифа.
Зимдан, зимдан боқдилар
Ва хохолаб кулдилар, Шарифа, Шарифа.
Олам тик турармиди,
Олам тинч турармиди,
Шунча балбўй мишмишдан
Барқарор бўлармиди?
Менинг қайлиғимсан-ку,
Айни лойиғимсан-ку!
Сени ким бетоб дегай?
Сиҳат-соғлиғимсан-ку!
Енгилтак қиз дедилар,
Тарихингдан тушдилар, Шарифа, Шарифа.
Яхши хислатинг юлқаб,
Юз ёмонни қўшдилар, Шарифа, Шарифа.
Кўзинг кўзимда эди,
Изинг изимда эди.
Сенинг бутун ҳаётинг
Битта сўзимда эди!
Парво қилма, жонона,
Сўлма ҳеч бир замона.
Юракдаги сўзларим
Миш-мишларга бегона!
Сени кўролмадилар,
Тинчиб туролмадилар, Шарифа, Шарифа,
Аммо кўнглимга зарра
Шубҳа сололмадилар, Шарифа, Шарифа...


ОҲУ КЎЗИНГ

Термилар оҳу кўзинг, ёҳу, кўзим яйратгали,
Кўздаги қайғуларин қайғуларимға отгали.

Кўз қирин ташлаб шу дам ҳазрат Алишер оҳ чекиб,
Лайли-ю Қайсни юбормиш ишқ сирин ўргатгали.

Бу фалак, юлдузу ой не-не нигоҳни ўйнатур,
Лек ёнар икки кўзинг икки кўзим ўйнатгали.

Термилар кўзинг, валек, боқсам хумор уйқусидир,
Не илож, бечорамен чарх уйқусин тарқатгали.

Бул тараф келмакда Машраб, ул фиғон ичра ҳануз,
Ғафлат уйқудин сеними ё мени уйғотгали.

Бир жафосиға жаҳон мулкин сўраб олгай, ажаб,
Ёр, вафо борму десам, ёр истамас сўз қотгали.

Ёр, сени севдим ғурур-ла, тарки ншқ айлай нечун?
Мен жаҳонга келмадим-ку минг гуноҳга ботгали!

Navigation

[0] Message Index

Go to full version