Маданий-маориф, соғлиқни сақлаш ва спорти. 1999/2000 ўқув йилида вилоятда 738 умумий таълим мактаби бўлиб, 510 мингдан зиёд ўқувчи, 24 гимназияда 7538 минг ўқувчи, 32 академик лицейда 5862 ўқувчи, 28 мусиқа ва 62 спорт мактабида 30940 ўқувчи таълим олди. Вилоятда 5 олий ўқув юрти бор: Андижон университети, Андижон қишлоқ хужалиги институти, Андижон муҳандислик-иқтисодиёт институти, Андижон тиббиёт институти, Андижон тиллар институти. Андижон олий ўқув юртларида 10,8 минг талаба таълим олди (2000).
1999 й. окт.да Куйганёр шаҳарчасида (Андижон тумани) Ўзбекистон Республика Қ. х. ва сув хўжалиги вазирлиги Қ.х. илмий и.ч. марказининг Суғориладиган ерларда ғалла ва дуккакли ўсимликлар етиштириш илмий тадқиқот ин-ти ташкил этилди. Ин-тнинг асосий вазифаси мамлакатда суғориладиган ерларда деҳқончилик шароитига мослашган янги дон навларини яратиш, туманлашган ва истиқболли ғалла ва дуккакли ўсимликларни етиштириш технологиясини и.ч.дан иборат.
Вилоят шаҳар ва туманларида 1998— 2000 й.ларда 19 коллеж ва академик лицейлар бинолари қурилиб ишга туширилди. Улар замонавий дастгоҳ ва техника б-н жиҳозланди. Вилоятда 20 касб-ҳунар коллежида 22389 ўқувчи, 28 академик лицейда 15928 ўқувчи ўқийди. Андижон ш.даги ва Оқолтин туманидаги маиший хизмат касб-ҳунар коллежлари, Андижон туманининг Оқёр қишлоғидаги саноат касб-ҳунар коллежи энг намунали ўқув даргоҳларидир.
Вилоятда 4 музей (Андижон вилоят адабиёт ва саньат музейи, Андижон вилоят ўлкашунослик музейи, Бобур уй музейи, Чўлпон уй музейи), 508 оммавий кутубхона (8150,4 минг нусха асар), 183 клуб, 37 маданият уйи, 966 бадиий ҳаваскорлик жамоалари бор. Андижон ш.даги Бобур номидаги вилоят кутубхонасида (1967 й. ишга тушган) 2000 ўринли қироатхона мавжуд (2000).
А.в.да 3 та театр бор. Йўлдош Охунбобоев номидаги Андижон вилоят мусиқали драма ва комедия театри Ўзбекистондаги тўнғич театрлардан бири бўлиб, унга 1919 й. нояб.да Ҳамза асос солган (қ. Андижон театри). Аббос Бакиров номидаги Андижон давлат болалар ва ёшлар театри 1990 й. 1 дек.да «Истиқбол» театр студияси асосида ташкил этилган (қ. Андижон болалар ва ёшлар театри). Андижон вилоят «Лола» қўғирчоқ театри 1968 й. апр.да Республика давлат қўғирчоқ театри қошидаги студия битирувчилари асосида ташкил бўлган (қ. Андижон қўғирчоқ театри).
А.в. дан Ҳалима Носирова, Лутфихоним Саримсоқова, Тамарахоним, Сойиб Хўжаев, Аббос Бакиров, Ғанижон Тошматов. Музаффар Муҳамедов каби йирик санъаткорлар; Фаттоҳхон Мамадалиев, ака-ука Исмоилжон ва Исроилжон Ваҳобовлар каби халқ ҳофизлари; Ҳабиба Охунова, Шерали Жўраев, Турғун Хонтўраев, Ҳошимжон Олимжонов каби Ўзбекистон халқ артистлари, Тошканбой Эгамбердиев (Асакадан) бошлиқ дорбозлар сулоласи етишиб машҳуру маълум бўлишган.
А.в.да 5 маданият ва истироҳат боғи, кўплаб кўкаламзор хиёбонлар бор. Айниқса Андижон ш.даги Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғи (1934 й. ташкил этилган) машҳурдир. 1997—2000 й.ларда боғ бутунлай қайта қурилиб, ниҳоятда кўркамлаштирилди. Рамзий бургут остидаги қаҳвахонага уйғунлаштирилиб қурилган «Амфитеатр» (2000) байрам тантаналари ва б. томошалар ўтказиладиган масканга айланган. Андижон ш.нинг жан.-шарқида — Боғишамолда 300 га майдонни эгаллаган Бобур номидаги миллий боғ (Боғи Бобур), Андижон ш.нинг марказий қисмида Чўлпон боғи ташкил этилди. А.в.да зиёратгоҳ жойлар кўп. Султонобод, Хонобод, Андижон денгизи каби жойлар чет эллик сайёҳларда катта таассурот қолдиради. Хўжаобод туманида Бобур қадамжоларидан бири — Лотконтепада ажойиб зиёратгоҳ барпо этидди. Бу зиёратгоҳ Ширмонбулоқ, Чилустун тоғлари б-н туташиб кетган. Асака, Шаҳрихон, Пойтуғ, Қўрғонтепа ш.лари халқ ҳунармандчилиги бадиий буюмлари тайёрлаш б-н машҳур.
Вилоятда 14,1 минг ўринли (10 минг кишига 64 ўрин) 70 касалхона муассасаси, 6233 врач, шу жумладан 317 стоматолог (10 минг кишига 28,7 врач), 22 минг ўрта маълумотли тиббий ходим, 5 санаторий бор (2000). Андижон ш.да Республика шошилинч тиббий ёрдам марказининг бўлими ишга туширилди (2000).
Спорт. А. в. спортчилари спортнинг 37 тури бўйича турли даражадаги мусобақаларда иштирок этади (2000). Чавандозлик, чим устида хоккей, енгил атлетика, футбол, теннис, спорт гимнастикаси, бокс ва б. Чим устида хоккей бўйича «Андижанка» аёллар жамоаси Европа чемпионлари кубоги соҳиби. 1996 й.дан «Андижанка» аёллар футбол жамоасига айлантирилди. Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган мураббий М.Д. Ким раҳбарлигида «Андижанка» 1998, 1999 й.ларда Ўрта Осиё мамлакатлари аёллар футбол жамоалари мусобақаларида муваффақиятли қатнашиб, кубок ҳамда чемпионликни қўлга киритди.
Андижонда хизмат кўрсатган спорт устаси, Европа чемпиони, жаҳон кубоги ғолиби, жаҳон рекордчиси енгил атлетикачи Светлана Ўлмасова ва унинг жамоадош дугонаси Замира Зайцева, бокс бўйича Европа чемпиони Феликс Пак, самбо бўйича Европа чемпони Мельс Ан каби машҳур спортчилар тарбияланганлар. Байдаркачи Татьяна Левина республика терма жамоаси таркибида кейинги ўн йиллар давомида етакчиликни қўлдан бермай келмоқда (2000). Олимпиада ўйинларида собиқ Иттифоқ терма жамоалари таркибида андижонлик спортчилар мунтазам иштирок этганлар. Улар орасида Сеул Олимпиадасининг оғир атлетика бўйича кумуш медали совриндори Ноил Мухаммадиёров, чим устида хоккей бўйича — Игорь Давидов, Москва Олимпиадасининг чим устида хоккей бўйича бронза медали совриндорлари — Лайло Аҳмедова, Неля Горбаткова, Алина Хам, Валентина Заздравних кабилар бор.
Ўзбекистон мустақилликка эришгач, А.в. спортчиларига ҳам халқаро мусобақаларда қатнашишга кенг йўл очилди. 2000 й. да Сидней (Австралия)да ўтказилган 27-олимпиада ўйинларида мамлакат бўйича ягона олтин медални андижонлик боксчи Муҳаммадқодир Абдуллаев олди; боксчи Сергей Михайлов бронза медали соҳиби бўлди. Боксчилардан Ўткирбек Ҳайдаров, Руслан Чагаевпар жаҳон чемпионларидир. Андижон ш. Республика олимпиада ўринбосарлари билим юртининг бокс бўйича мураббийлари М.Г. Қўчқоров, А.А. Размахов «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устаси» унвонига сазовор бўлишган. Андижондан моҳир спортчиларни тайёрлашда спорт мураббийси В.А. Золотарёвнинг катта хизмати бор.
Андижон ш.да замонавий спорт иншоотлари қурилган: турли даражадаги халқаро мусобақалар ўтказиладиган 35 та теннис корти мажмуи (1998 й.да ишга тушган; ўн минг томошабинга мўлжалланган), «Наврўз» футбол стадиони, «Ямбол» спорт мажмуи, чим устида хоккей бўйича «Халқаро дўстлик» стадиони, шахмат-шашка клуби, гимнастика мажмуи, сузиш ҳавзалари ва б. Андижон теннис иншоотида ҳар йили профессионал теннисчиларнинг халқаро турнирлари мунтазам ўтказиб келинади. 1996 й. ўтказилган «Челленжер» турнирида жаҳондаги 26 давлатдан вакиллар иштирок этди. 1997— 1998, 1999 й.лари ўтказилган халқаро «Сателлит» ва «Истиқбол» турнирларида ҳам 20 га яқин давлатлардан вакиллар қатнашди. Бу халқаро турнирлардаги катта ракетка усталарининг ўйинлари андижонлик ёш ўқувчи-теннисчилар учун катта маҳорат мактаби бўлиб хизмат қилмоқда. Теннис клубида 150 га яқин ёшлар мунтазам шуғулланиб келади, уларга 5 мураббий сабоқ беряпти (2000). Ўқувчилар орасида республика мусобақалари совриндорлари бор.
А.в. «Наврўз» футбол командаси мамлакат миллий футбол чемпионатида иштирок этиб келади.
Вилоятда 70 болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ишлайди; уларда 32 минг ўқувчи турли спорт турлари б-н шуғулланади. Андижон ш.да олимпиада ўринбосарлари билим юрти ва ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаблари юқори малакали спортчилар тайёрлайди.