* * *
Сарвнозим, йўқ ажаб, гар рўзадин топмиш малол
Ким, су ичмасдан топар пажмурдалиғ нозук ниҳол.
Йиллар оғзимким қурутмишсен зулоли васл учун,
Билдинг эркин шаммаеким, саъб эркандур бу ҳол
Кун туш ўлмай рўзаву иссиғдин ул ой қилди заъф,
Не ҳароратдур қуёш, ё рабки, топқайсен завол.
Рўза заъфидинки чиқмас уйдин ўлмиш моҳи нав,
Заъф кўргилким, тўлун ойимни айлаптур ҳилол.
Рўза муҳри соғиниб дерменки, олсам тишлабон
Ҳар қачон кўрсам анинг ширин дудоғи узра хол.
Шарбатин дермен эзай жон ширасидин қил мадад,
Зулматингдин тийралик, эй Хизру чашмангдин зулол.
Элга шом ўлмиш, Навоийға юзунгдин субҳ эрур
Ким, соғинсун рўза шомин, бор эгач субҳи висол.
* * *
Қоматингға ҳар замон юз жилва, эй зебо ниҳол,
Нотавон кўнглумга ҳар бир жилвасидин ўзга ҳол.
Эврулур кўнглумда ул чобук хаёли ҳар кеча,
Шуълалиқ кўнглумни қилди чарх фонуси хаёл.
Бош қўяй дедим оёғи туфроғиға деди: қўй
Бўса истаб лаъли рангин сўрдум эрса, деди: ол.
Ғунчайи хандонки, дерлар мунфаилдур оғзидин,
Лек кулмак бирла истар қилса дафъи инфиол.
Хатту холи ҳасратидин онча ашким оқтиким,
Бир кўзум тутти ғубору бир кўзумга тушти хол.
Давр хам қилди қадингни, гўшае тут, йўқ асо,
Негаким, дард-ўқ бўлур зоҳир алиф ёндашса дол.
Эй кўз, онсиз ўзга юз кўрмакни қилмишсен ҳавас,
Ҳажр тийғидин ўюл, ёхуд Навоийдин уёл.
* * *
Кирди туфроққа ҳилол, очти тўлун ойға жамол,
Ўн тўлун ойнинг қироғидин чу олдинг ўн ҳилол.
Су била шамъ учини ҳар лаҳза олдинг — ёруди,
Шуълани гарчи су бирла равшан этмакдур маҳол.
Елни тез айлабки, ўтдин су чиқардинг — турфадур,
Лек туфроғи анинг кўзларга берди иктиҳол.
Йўқдин эттинг бор ҳар дам юз Масиҳи руҳбахш,
Лек унсурдин мужаррад барчаси жавҳармисол.
Турфадурким, ўт аро эктинг ниҳолу куймади,
Турфароқким, очти гул, гарчи ҳаданг эрдн ниҳол.
Кўз алам тўлгандаким, кўз тутмак ўлмас жуз алам,
Ани тутқилким, алам хайлини айлар поймол.
Бу ғазалнинг мақтаъин матлаъ хаёл этган киши,
Эй Навоий, шояд эткай фаҳм сен қилған хаёл.
* * *
Эй латофат касбида ҳуснунгға ҳожатманд гул,
Юз гулистон ичра йўқ ҳуснунгға бир монанд гул.
Хилъати хазро била ул қомату рухсор эрур,
Рост бир сарвеки қилғайлар анга пайванд гул.
Юзу ғамзангдин, мужамдин қон ёш ар зояндадур,
Йўқ ажаб чун бор тиканга доимо фарзанд гул.
Жолалар эрмас гули садбарг узаким айламиш,
Жисмини тишлар била ҳажрингда юз парканд гул.
Қайси важҳ ила юзунга даъво эткай чун эрур,
Ганжи ҳуснунгдин муҳаққар важҳ ила хурсанд гул.
Сарв сен, эй гулъузор, ар бўлса хушрафтор сарв,
Гул сен, эй сарви равон, гар қилса шаккарханд гул.
Эй Навоий, гар сўзунгни ёр эшитмас айб эмас,
Турғони бирла қулоқдур, лек эшитмас панд гул.
* * *
Оразингни боғ аро чун кўрди, ҳайрон бўлди гул,
Баргсиз қолди, нединким, бас паришон бўлди гул.
Бодадин гул-гул кўруб ул юзни, анинг ҳажридин,
Чок-чок ўлған кўнгулдек таҳ-батаҳ қон бўлди гул.
Гулузорим кишвари ҳусн ичра бўлди подшоҳ,
Рост андоқким, чаман мулкида султон бўлди гул.
Сайри боғ айларда даврон чашми захми дафъиға,
Ҳар тарафтин чобукум даврида қалқон бўлди гул.
Лаъли комимдур, қошимда келса ул гул хирмани,
Май тилар кўнглум, чу базмимда фаровон бўлди гул.
Кеча-кундуз қилма гулбонгингни бас, эй андалиб
Ким, санга беш кун бу гулшан ичра меҳмон бўлди гул.
Гул чоғи ёри сафар айлаб, Навоий жониға
Ҳар бири бир тоза қонлиғ доғи ҳижрон бўлди гул.
* * *
Ҳажр ўтиға истасанг ёқилмағайсен, эй кўнгул,
Ёрдин зинҳорким, айрилмағайсен, эй кўнгул.
Ваҳ, не толиъдурки топмай умре истаб ёрни,
Чун сени ёр истагай топилмағайсен, эн кўнгул.
Буки қон бўлдунг десангким, ошкоро бўлмасун
Майл этиб ёшлар сари қотилмағайсен, эй кўнгул.
Десалар: Лайлому ортуқ ҳусн аро ё ул парий?
Гарчи Мажнунсен керак ёнғилмағайсен, эй кўнгул.
Қилди чун соқий лаби еткан қадаҳ ҳушунгни маҳв.
То абад зинҳорким, ойилмағайсен, эй кўнгул.
Ғунчасен ғамдин, вале соқий баҳори оразин
Очса билманким, недин очилмағайсен, эй кўнгул.
Давлати боқий Навойкдек эрур топмоқ муҳол,
То тамом ўзлукни фоний қилмағайсен, эй кўнгул.
* * *
Ёрдин келмиш манга бир турфа мактуб, эй кўнгул
Ким, эрур ҳар сатри, бал ҳар лафзи марғуб, эй кўнгул.
Лафз йўқ, ҳар ҳарфи жон ҳирзи, дағи ҳар нуқтаси
Мардумак янглиғ биайниҳ кўзга матлуб, эй кўнгул.
Айладим тумор агар тумор этар дафъи жунун
Бу мени қилмиш жунун илгида мағлуб, эй кўнгул.
Сафҳада эрмас муҳаббат шарҳиким келмиш кийиб,
Ҳуллайи кофургун бир турфа маҳбуб, эй кўнгул.
Асру кўп такрор этардин ул парийваш номасин,
Бўлмишам эл ичра мажнунлуққа мансуб, эй кўнгул.
Ғайрдин сафҳангни қилғил пок, яъни айлама
Хотиринг лавҳини ҳар хат бирла маъюб, эй кўнгул.
Ғамдин озод ўлди хаттидин Навоий, бермаса
Бегига қуллуққа хат бўлғайму маҳсуб, эй кўнгул.
* * *
Гулбуни ишратдин узгил барги пайванд, эй кўнгул,
Ғунчадек бўл қон ютуб кулмакка монанд, эй кўнгул.
Қилма тарк эврулмак ул гул гирдиға булбул киби,
Қилсалар гар ғунчадек парканд-парканд, эй кўнгул.
Оразу лаъли хаёли бирла сен то хастасан,
Нафъ этар гўёки бу заъфингға гулқанд, эй кўнгул.
Лаъли не кондиндурур, невчун ҳадис этмас дема,
Не ато бордур Масиҳоға, не фарзанд, эй кўнгул.
Оразинг очқач, демаким, ошиқ этма халқни,
Ўтқа бермаклик дурур куйдурма деб панд, эй кўнгул.
Бисмил этти сайд кўнглидек сени тийғи қазо,
Ёхуд ул лаб шавқидин қилдинг шакарханд, эй кўнгул?
Эй Навоий боқма тун-кун холию рухсориға,
Донаву сув бирла сайд ўлмас хирадманд, эй кўнгул.
* * *
Номаси қўйнумда баским, изтироб айлар кўнгул,
Ўпгали чиқмоққа гўёким шитоб айлар кўнгул.
Тоза бутмиш эрди кўксум чоки, ваҳким, толпиниб
Чиққали ул рахнани ҳар дам хароб айлар кўнгул.
Ўқи захми йўлидин солсам ичимга номасин,
Бир фатила марҳам ўрниға ҳисоб айлар кўнгул.
Чирмабон жон пардасин маншур уза воло кеби
Кўрмасун деб ғайр ани, гўё ниқоб айлар кўнгул.
Ғунчадек қат-қат бўлуб қон ул мусофир шавқидин
Номаси янглиғ дамо-дам печу тоб айлар кўнгул.
Мубҳам эрмиш руқъаси давроннинг, асру ёваким,
Жонға бу андешадин ҳар дам азоб айлар кўнгул.
Эй Навоий, очти кўксумнинг тикилган чокини,
Номаси қўйнумда баским, изтироб айлар кўнгул.
* * *
Нолани ҳар нечаким элдин ниҳон айлар кўнгул,
Сени соғинғач яна бехуд фиғон айлар кўнгул.
Ҳар нечаким ёшурурмен рози ишқинг халқ аро,
Бир маҳалсиз оҳ ила борин аён айлар кўнгул.
Май тарашшуҳ айлагандек чок бўлған шишадин,
Захмидин хунобасин ҳар дам равон айлар кўнгул.
Қасд этар кўнглумки, олғай лабларингдин коми дил,
Эмди таҳқиқ айладимким, қасди жон айлар кўнгул.
Кўз кўрар юзунгнию кўнглум мени расво қилур,
Зор этар кўнглумни кўз, бағримни қон айлар кўнгул.
Шуълаи кўкурд кўргузди қазо куйдургали,
Дарди ишқ аҳлин буким гардун гумон айлар кўнгул.
Эй Навоий, аввал ул номеҳрибонға учратур,
Кимниким мен бенаводек нотавон айлар кўнгул.
* * *
Гар етар ағёрдин юз минг жароҳат, эй, кўнгул,
Чунки бордур ёр учун бор айшу роҳат, эй кўнгул.
Каъба истарсен муғилон чекса тнл қайғурмағил,
Бемаломат топмади кимса саломат, эй кўнгул.
Менмену ул ой ғами сен ҳам агар мардонасен,
Дарду ғам чек, истама кому фароғат, эй кўнгул.
Кимга еткай васл иқболи агар ҳижрон аро,
Сенда бўлса ғам чекарга сабру тоқат, эй кўнгул.
Хурдаи розингни асра ғунча янглиғ қон ютуб,
Ҳар неча қилса жафо ул сарвқомат, эй кўнгул.
Дема ишқи сўзи кам бўлғай бошнмға урса тиғ
Ким, бу судин сокин ўлмас ул ҳарорат, эй кўнгул.
Ўртадинг охир Навоийни шарори оҳ ила,
Анга невчун мунча кўргуздунг шарорат, эй кўнгул.
* * *
Юзини кўрди бадан чокидин хароб кўнгул,
Узулди, баски аён қилди изтироб кўнгул.
Чу бўлди жилвагар ул ганжи ҳусн ҳасратидин,
Хароблиғ қиладур ҳар замон хароб кўнгул.
Магар шиканжаи зулфунгға қолдиким, урди
Ўзига ғунча кеби мунча печу тоб кўнгул.
Балодурур ғами ишқинг сенинг вале юз вой
Ким, ул балодин эта олмас ижтиноб кўнгул.
Шарори оҳ масаллик ул ой ҳавосида кўр
Ки, пора-пора қилур кўк сари шитоб кўнгул.
Риоят айла судек соф халқ кўнглиниким,
Синар нафас била ул навъким ҳубоб кўнгул.
Навоий онча лабингдин дедики, бўлди анга
Тешилмаки била қон ичра лаъли ноб кўнгул.
* * *
Оташнн гул ғунчасидур ўтлуғу қонлиқ кўнгул,
Зор булбул тумшуғи чокидин афғонлиқ кўнгул.
Бўстонафрўз эрур ҳар ён ниҳон тухми анинг,
Ҳажр хуноби аро юз доғи пинҳонлиқ кўнгул.
Хаста жоннинг сўгида девонаедур мотами,
Кўкрагимнинг захмидин чоки гирибонлиқ кўнгул.
То бўлуб юз пора, ҳар бир пора зулфунг торидин
Бирга боғланди, басе топти паришонлиғ кўнгул.
Бирки ҳайрон бўлди ул оразға, кўрди халқдин
Ҳар нафас юз қатла ўз ҳолиға ҳайронлиғ кўнгул.
Ғунчалар эрмас тиконлар ичраким, ушшоқдек
Чархдин кўргузди ул ҳам неча лайконлиғ кўнгул.
Эй Навоий, кўнглунг олдурма, йўқ эрса сен ўлуб,
Не осиғ, юз қатла гар қилса пушаймонлиғ кўнгул.
* * *
Эй кўнгул, бир навъ ўлубмен аҳли даврондин малул
Ким, эрурмен кимки андии яхши йўқ, андин малул.
Ҳажр агар будур, нетай мен жонни, жон нетсун мени
Ким, эрур ҳар лаҳза мендин жону мен жондин малул.
Тенгри халқ этмиш мени гўё малолат чеккали
Ким, даме йўқким, эмасмен халқи нодондин малул.
Неча диним узра титрай дилраболар кўйида,
Эй, мусулмонлар, бўлубмен кофиристондин малул.
Истасанг мақсад, қадам қўй, таън тошидин не бок,
Каъба топти бўлмағай хори муғилондин малул.
Эй кўнгул, фикрингни қилким, дўсту душманлар юзун
Кўрмас эрди, бўлмаса сен зори ҳайрондин малул.
Эй муғанний, тут «Ироқ» оҳангию кўргуз «Ҳижоз»
Ким, Навоий хотири бўлмиш Хуросондин малул.
* * *
Урармен кўксума тошлар, ғам эткач қасди жон ҳар дам,
Қоқармен бу эшикниким, етар бир меҳмон ҳар дам.
Ўлук топти бузуғ ичра мени мажнунни, гўё чуғз
Навоҳи аҳлин огаҳ қилғали тортар фиғон ҳар дам.
Ҳамоно туфроғимни лаългун қилмоққадур буким,
Келур бағрим шикофидин лабинг шавқида қон ҳар дам.
Магар мажнун кўнгулга ҳар дам айлар ул парий жилва,
Йўқ эрса не учун ўздин борур бу нотавон ҳар дам.
Очар гўё сабо ул гул юзидин ҳар замон бурқаъ,
Буким бир фитна бирла қўзғалур аҳли замон ҳар дам.
Совуғ оҳим бурудат солди олам ичра, қиш эрмас,
Булут йўқ — дуди оҳимдин кўрунмас осмон ҳар дам.
Керак ҳар дам қадаҳким, май суйи ҳар лаҳза қайтаргай,
Буким, даврон жафосидин етар оғзимга жон ҳар дам.
Бу манзилдин манга йўл азмиға боисдурур буким,
Етар бир корвон ҳар дам, ўтар бир корвон ҳар дам.
Дамо-дам жавр ила буздунг Навоий кўнглин андоқким,
Бузулғай мулки, бир зулм этса шоҳи комрон ҳар дам.
* * *
Сарви озодимни боғ ичра хиромон истарам,
Сабзасин сарсабзу гулбаргини хандон истарам.
Дард жононимда, балким юз алам жонимдадур,
Йўқки, жононимға, бал жонимға дармон истарам.
Тийрадур вайроним онсиз, ваҳ, яна бир қатла ҳам
Ул қуёшни байтул-эҳзонимда меҳмон истарам.
Нафъ этар бўлса хино янглиғ кафи пойингға қон,
Чок этиб кўксум ани бағримда пинҳон истарам.
Эй Хизр, ҳайвон суйи тут дам-бадамким ёр учун,
Садқа қилмоқлиқ учун ҳар лаҳза бир жон истарам.
Муждае бергил мизожи сиҳҳатидин, эй табиб
Ким, бу пайғоминг учун жонимни қурбон истарам.
Ўқ кеби қаддин кўруб афтода чун кўр ўлмадинг,
Эй Навоий, кўзларингда нўги пайкон истарам.
* * *
Мувофиқ кийдилар, бўлмиш магар наврўз ила байрам,
Чаман сарви ёшил хилъат, менинг сарви равоним ҳам.
Чаман сарви қолиб ҳайрон, менинг сарвим қилиб жавлон,
Анинг шайдоси бир деҳқон, мунга шайдо бари олам.
Чаман сарви қолиб бебар, менинг сарвим бўлуб дилбар,
Ани ел айлабон музтар, бу елдин секретиб адҳам.
Қўнуб ул сарв уза булбул, чекиб гул шавқидин ғулғул,
Бу сарв узра очилиб гул, анга тердин тушуб шабнам.
Қилиб оҳим сари парво, буён майл этмадинг қатъо,
Сабодин, эй қади раъно, бўлур ҳам сарв гаҳ-гаҳ хам.
Бу боғ ичра май, эй соқийки, бормен асру муштоқи
Ки, анда сарв ҳам боқий эмас, гул аҳди ҳам маҳкам.
Навоий, кўйин эт манзил, юзу қаддиға бўл мойил
Ки, боғ этмас сени хушдил, гулу сарв айламас хуррам.
* * *
Лаҳза-лаҳза кундуз анинг зулмини ёд айларам,
Кеча ўз жонимға бедод узра бедод айларам.
Ақл ёд айлаб, яна ҳижронида бўлсам хамуш,
Чун жунун туғён қилур, бехост фарёд айларам.
Бўйни боғлиқ қул қилур, кўргач агарчи ҳажрида,
Ўзни юз таъкид ила ишқидин озод айларам.
Ишқ сайли чун ўтар, топмон тилаб осорини,
Ҳар неча кўнглумга тархи сабр бунёд айларам.
Қуш қочар сайёд домидин, ажаб қушменки, мен
Зулфин истаб орзуи доми сайёд айларам.
Ақлу хуш, авроқу ажзосин жунун оҳи била
Девбод ўткан кеби борини барбод айларам.
Соқиё, муҳликдурур қайғум ушул уммид ила
Ким, майи жонбахш тутқунг, хотирим шод айларам.
Фақрдин юз йилчилиқ йўл мен йироқ, аввал далил
Буки, фақр ойинини ўзумга иснод айларам.
Эй Навоий, зулмким, номеҳрибон моҳим қилур,
Меҳрибон шоҳимни кўргач, қичқириб дод айларам.
* * *
Дам-бадам ҳар кун ул ой бедодини ёд айларам,
Кеча турлук-турлук ўз жонимға бедод айларам.
Юз жафо қилса манга, бир қатла фарёд айламон,
Элга қилса бир жафо, юз қатла фарёд айларам.
Зулфу юзи ҳажридин ғам шоми анжум гулларин,
Тунд боди оҳдин ҳар лаҳза барбод айларам.
Ўзни қатл уммидию ағёр қатли биймидин,
Лаҳзае шод айласам, юз лаҳза ношод айларам.
Қомату рухсоридин бўе топармен, эй рафиқ,
Буки ҳар дам гулшан ичра майли шамшод айларам
Сўрманг, эй ушшоқ, мендин нукта пири ишқ деб,
Негаким куймак била ўлмакни иршод айларам.
Эй Навоий, ҳар жафо келса ул ойдин элга ҳам,
Рашкдин мажмуъин ўз жонимға иснод айларам.
* * *
Ёғлигинг илгимда, ашкимни равона айларам,
Кўзга суртуб, ашк аритмоғни баҳона айларам.
Ул кўзумга чун етиб таскин топиб гирёнлиғи,
Кўздин олғач, яна ашкимни равона айларам.
Яна еткач, кўзга ашким турса олурмен ани,
Яна борса, чорасин бу навъ яна айларам.
Қўзда кирпикларни тиллар айлабон ҳар ториға,
Заъфи ҳолим кўз тили бирла фасона айларам.
Балки ҳар ториға жоним риштасин чирмаштуруб,
Жонима касби ҳаёти жовидона айларам.
Бир қадаҳ берсангки, тутса муғбача, эй пири дайр,
Нақди дин сармояи жоми муғона айларам.
Э, Навоий, токи бўлмишмен фано дайрида маст,
Ақлу дин ташвишидин фориғ тарона айларам.
* * *
Не ул қулоққа етар, арзи ҳол адо қилсам,
Не ул кўнгулга ёқар, нақди жон фидо қилсам.
Кўнгул шикофиға ул кўй туфроғи қаниким,
Бу хушк дору ила захмима даво қилсам.
Керак қуёш дирами танга бўлса байъона.
Чу Юсуфумни ики даҳрға баҳо қилсам.
Фиғонки, ишқ чекар боғлаб ани бўйнумға
Нечаки зуҳду вараъ пардасин ридо қилсам.
Кўзумга даҳрни ҳар лаҳза тийрароқ айлар,
Саводи холингга ҳар неча кўз қаро қилсам.
Ишим чу савмаа шайхи била тузалмади, кош
Ки, эмди майкада пириға илтижо қилсам.
Навоиё, чу сабо ҳамнафасдур ул гулга
Не бўлди, сарсари оҳимни гар сабо қилсам.
* * *
Ҳажр қоним тўккудекдур, буйлаким зор ўлмишам,
Бот қутулғум гарчи бас қоттиғ гирифтор ўлмишам.
Уйлаким, урён танимға ёғди тош ҳижронида,
Эй Масиҳ, асра дамингким, беҳад афгор ўлмишам.
Кеча тегранг айланиб, кундуз юзум девор уза,
Уйдаги парвонадин гўё намудор ўлмишам.
Мумкин эрмас мен қори сойилға кўюнг фурқати
Хоссаким, ишқ офатидин саъб бемор ўлмишам.
Кўйи девориға орқам ёпишиб, мен волиҳи
Суврати наззорасида нақши девор ўлмишам.
Гар кўрунмас ул парий, истаб анга якранглик,
Заъфдин мен телба ҳам эмди паривор ўлмишам.
Эй сабуҳ аҳли, мени бир жом бирла тиргузунг
Ким, ўлум ҳоли хумор илгида бедор ўлмишам.
То мулозим пири дайр ўлди, муродим муғбача,
Сокини дайру муқими кўйи хаммор ўлмишам.
Эй Навоий, сарв бирла гулни найлай, чунки мен
Волаи бир гул узори сарв рафтор ўлмишам.
* * *
Васл баргин узки, мен ҳижрон гулин бўй этмишам,
Меҳр таркин тутки, мен меҳнат била хўй этмишам.
Нахли қаддингғаки, бердим кўз ёшидин парвариш,
Эмди бош тортарки, ёшдин юз сари жўй этмишам.
Ҳар сари жавлон қилиб еткач манга чектинг, инон
Бу экин журмумки, йўлунгда бошим гўй этмишам.
Нома ичра чирмашибон санга еткайменму деб,
Оразим каҳбаргу жисмим риштасин мўй этмишам.
Май бўлуб ашким, ғизо бағрим, суруд афғонларим,
Келинг аҳли ишқким, ғам хайлиға тўй этмишам.
Шайх боқий бўлсуну зарқ ичра тинмаслиғки, мен
Тинмишам токим фано дайри сари рўй этмишам.
Топмадим гулчеҳралардин шаммае бўйи вафо,
Эй Навоий, нечаким елдек таку пўй этмишам.
* * *
Сендин айру то асири дарди ҳижрон қолмишам,
Буки ўлмай қолмишам, ҳолимға ҳайрон қолмишам.
Хонумонимни ғаминг торожи барбод айлади,
Хонумон бориб алохону аломон қолмишам.
Ишқ даштининг самуми ҳулласин айлай паноҳ,
Хайли ғам яғмосидин мундоқки урён қолмишам.
Дарду ғамдин ёшуна олман камоли заъфдин,
Хурдабинларнинг кўзидин гарчи пинҳон қолмишам,
Даштдин Фарҳоду Мажнунни йиғиб мушфиқлари,
Мен ғариб ул навъким, ғули биёбон қолмишам.
Васл даври жомидин аҳбоб сармаст ўлдилар,
Дайр аро тек бир ман-ўқ махмури даврон қолмишам.
Эй Навоий, учти булбуллар хазонда боғдин,
Мен қанотсиз қуш масаллик айлаб афғон қолмишам.
* * *
Ул қуёшқа, ваҳ, не ҳад бирла битик айлай рақам,
Нома элтур қуш малак бўлғай, магар ҳад бўлса ҳам.
Таййи арзинг бўлса, эй пайки сабо, номамни элт,
Йўқса қатъ ўлмас бу йўл урмоқ била қосид қадам.
Қосидо, жон нақдини ҳам топшурурмен, номаға,
Чун илик сунса, аёғиға нисор эт жонни ҳам.
Сен бориб келгунча, эй қосид, ўзумда бўлмағум,
Жон етиб оғзимға шавқунг шиддатидин дам-бадам.
Англамонким, ул ҳарамда бор топқунг, йўқса йўқ,
Бор топсанг ҳам, олиб номанг ўқурму ул санам?
Гар ўқур ҳам бўлса, радму бўлғуси ёхуд қабул,
Ҳам қабули тушса, ёзғайму жавоб, айлаб карам?
Эй Навоий, нома ул ён ёзғали не ҳад санга,
Тут фироқ ичра висолининг хаёлин муғтанам.
* * *
Ишқ ила бўлдум масал, савдо била афсона ҳам,
Шукрлиллоҳким, яна ошиқмену девона ҳам.
То унутди ошнолиғ расмин ул бегонаваш,
Ошно йиғлар менинг ҳолим кўруб, бегона ҳам.
Ғам туни мендурмен оҳу ашкдин шамъим ўчуб,
Бошима емрулгали турмиш бузуғ кошона ҳам.
Элга меҳринг бор, бузуқ кўнглумга ҳам бир зарра боқ
Ким, қуёшнинг тобидин маҳрум эмас вайрона ҳам.
Эй малоҳат шамъи ҳар соат мени куйдурмаким,
Кўп ёрумас шамъ агарчи ўртанур парвона ҳам.
Йўқ, бу дайр ичра берур жоми ажал таъмини май
Ким, эрур паймона тўлмоқдин нишон паймона ҳам.
Эй Навоий, гар десанг, ул турфа қушни сайд этай,
Риштайи жисмингни дом эт, кўз ёшингни дона ҳам.
* * *
Кўнглуму жоним фидо оғзиға, гуфториға ҳам,
Куфриму диним доғи зулфиға, рухсориға ҳам.
Итти қонлиғ кўнглум, узгил ғунчаларни, эй сабо
Ким, анга кўз солмайин, балким намудориға ҳам.
Зор кўнглумга агар боқиб ани зор айладинг,
Жони беморимға ҳам боқ, жисми афгоримға хам.
Борғач ул сарви равон, жисмимда жон қолғаймуким:
Қаддиға жон риштаси боғланди, рафториға ҳам.
Мен киму дин, эй мусулмонларки, бир кофир кўруб,
Жон фидо қилдим чалипосиға, зуннориға ҳам.
Даҳр боғининг гули ўтдур, бийик ашжори дуд,
Елга бер ул гулни ҳам, ўт солғил ашжориға ҳам.
Эй Навоий, даҳр йўқу бори тинмаслиғдурур,
Тинғасен, гар қилмасанг парво йўқу бориға ҳам.
* * *
Менки, даврон зулмидур кўнглумга, балким жонға ҳам,
Найлай олғаймен ангаким, зулм этар давронға ҳам.
Кўр ғамим афзунлуғин ҳар дамки, ашким хайлининг
Қатраси баҳр ўлди, эмди айланиптур қонға ҳам.
Ёпмангиз Фарҳод ила Мажнунниким, меҳнат тўзи
Сатр учун басдур манга ҳам, ул ики урёнға ҳам.
То топибмен ишқи ўти бирла тийғи заҳрини,
Исо анфосиға боқман, чашмаи ҳайвонға ҳам.
Гоҳ кўнглум ғунчасин истар, гаҳе пайконини
Ким, кўнгул бордур муносиб ғунчаға, пайконға ҳам.
Нилуфар нақш айлаб айвонингға мағрур ўлмағил,
Йўқ, вафо нақши чу бу нилуфарий айвонға ҳам.
Муддаийлар чун Навоий ишқин англаб, жониға
Қасд қилғанлар эмиш, боре денгиз жононға ҳам.
* * *
Эй, кўнгулга юз туман бедод сендин, жонға ҳам,
Мунча бирла рашк андин мунга, мундин онға ҳам.
Мовию гулгун тўн эрмаским, кўзу кўнглум аро,
Суға доғи тушмиш ул усрук, бўялмиш қонға ҳам.
Ҳусниға ҳайронмен ул янглиғ, мени ҳайронки эл,
Ҳам анинг ҳусниға ҳайрондур, мени ҳайронға ҳам.
Эл бузуғ кўнглин сўра борған эмиш ул ганжи ҳусн,
Ранжа қилғайму қадам, ё раб, бизинг вайронга ҳам.
Ламъаи пайконидинму кўнглум ичра тушти ўт,
Йўқса кўнглумдин ўқиға тушти ўт, пайконға ҳам.
Қил гадойингға вафо, эй хўблар султониким,
Бевафолиғдур гадоға умр иши, султонға ҳам.
Эй Навоий, давр аёғин тут ғанимат, ушбу дам
Ким, саботе йўқтурур бу даврға, давронға ҳам.
* * *
Борди ёру тўзмон эл бормоққа ҳам, турмоққа ҳам,
Чин десам, рашк ўлтурур тангрига топшурмоққа ҳам.
Кўрсам ул юз кўзгусин тағъйир ваҳмидин эмас,
Қаттиқ оҳ урмоққа ҳад, сокин нафас урмоққа ҳам.
Ул паридин лутф агар зулм ўлса андоқ телбамен
Ким, шуурим йўқ севунмакликка, қайғурмоққа ҳам.
Ўлтуруб ёниға мен киммен юзин ўпмоққаким,
Йўқ ҳадим кўйида ер ўпмакка, ўлтурмоққа ҳам.
Нотавон жисмимда юз новак фироқинг хайлидин
Ким, кучим етмас бирин тортарға, синдурмоққа ҳам.
Демагил ишқин ниҳон тутқил мени урёнғаким,
Тиғи захмин йўқ нимам боғларға, ёшурмоққа ҳам.
Тут Навоий, ишқи зулмин хуш чу йўқтур ихтиёр,
Ул кўнгул олмоққа ҳам, сен кўнглунг олдурмоққа ҳам.
* * *
Ақлу жон қасдида кўрдум ул кўзу мужгонни ҳам,
Чектим ул мужгону кўз оллида ақлу жонни ҳам.
Новакинг еткач қизиқ кўнглум йиғочин куйдириб
Қатрайи су янглиғ ошом айлади пайконни ҳам.
Кўз ёшимни қон қилиб, бағрим су эттинг эй фироқ,
Йўқки ёлғуз суни қон қилдинг, су қилдинг қонни ҳам.
Ишқ даштида қуюндек хоксорингмен, гаҳе,
Истасанг ушшоқни, ёд эт бу саргардонни ҳам.
Гўйдек бошим неча рахшинг аёғи зарбидан.
Пўя қилған, гаҳ-гаҳе еткур анга чавгонни ҳам.
Эй тавонгар, нечаким қасрингни қилдинг зарнигор
Асру ҳолий кўрма дарвеш ўлтурур вайронни ҳам.
Кўнглум олиб бордингу қолмиш манга бир хаста жон,
Ҳар қачон келсанг Навоий топшурур қолғанни ҳам.
* * *
Бу кун аҳли жаҳондин хаста хотирмен жаҳондин ҳам
Демон аҳли жаҳон бирла жаҳон, биллаҳки, жондин ҳам.
Мени жону жаҳондин ҳажр вақтиким малул эткай,
Ватан ё мулкдин худким десун, бал хонумондин ҳам.
Кўнгулдин жонға еттим, эй ажал, неткай халос этсанг,
Мени ул телбадин, ул телбани мен нотавондин ҳам.
Не айрилмоқ дурурким, ёр то айрилди, айрилмиш
Кўнгул мендин, фиғон кўнглумдину ўтлар фиғондин ҳам.
Манга жононсиз ўлмоқ яхшироқ, эй Хизр, юз қатла,
Кетурсанг мужда ўлмоқ бирла умри жовидондин ҳам.
Нафас қатъ ўлди ул юз фурқатидин, кўзгу келтурманг
Ки, мен эмди қутулдим ибтилосиз имтиҳондин ҳам.
Ёмон яхшиға кўп зулм этмагилким, гар будур даврон,
Қутулғунг, кимки андин яхшироқ йўқ, мен ёмондин ҳам.
Итига туъма, дарбониға бўлсун муттако ўлсам,
Таним ул кўйдин олманг, бошим ул остондин ҳам.
Фақиҳу—Каъба, ринду — майкада, хушдур Навоийким,
Сенинг ёдинг била мундин эрур озоду андин ҳам.
* * *
Чаманда мунисим не сарв эрур, не гул, не сунбул ҳам,
Манга сарве керакким, сочи сунбулдур, юзи гул ҳам.
Ажаб йўқ тўлғаниб жисмим, қорарса субҳи айшимким,
Тушуб ул кокул узра чин, юзига тушти кокул ҳам.
Деманг ул шўх ила асҳоб базмин қил тафарружким,
Талаффуз айлай олман бу ҳикоятни, тахайюл ҳам.
Юзунг бирла қуёш таърифида гар давр эрур ҳосил,
Келур занжири зулфунг васфида лозим тасалсул ҳам.
Юзу қаддиға ҳуру тубий ўхшар дебсен, эй воиз,
Йироқ эрмас сўз айтурда гаҳе қилсанг тааммул ҳам.
Чекиб кўҳи фироқия сабр қилдим, васлиға еткач
Фиғон чексам ажаб йўқ мунча-ўқ бўлғай таҳаммул ҳам.
Юзунг шавқида кўнглум оҳи шамъу гулга ўт солди
Ки, куйди нотавон парвонаву кул бўлди булбул ҳам.
Ғанимат англасун булбулни гул етгачки, бўстондин
Учар гул яфроғи ҳам, қолмас учмай гарчи булбул ҳам.
Хумор ўлтурмиш эрди бўлмасанг муғ дайриға озим,
Бу ишга, эй Навоий, айлади тенгри сени мулҳам.
* * *
Вайронаедур масканим, андин манга бисёр ғам,
Оҳим била эшикта ўрт, ашким била девор нам.
Нўшидин элга гуфтугў, эй ҳажр ичармен мен оғу,
Кош ўлсуму кўнглумни бу андуҳдин қутқорсам.
Қил ишқ дайрида мақар, суккониға солғил назар
Ким, бор бу мажмаъ ичра ҳар дурдийкаши хаммор Жам.
Ҳар ерки анда бир нафас, ишратқа топсам дастрас,
Юз қатла айлармен ҳаваским, бўлса эрди ёр ҳам.
Соқий, бугун майни унут, мендек даме хуноба ют,
Мутриб навойи навҳа тут, созингға боғла тори бам.
Десамки, эй бадмеҳр ўғул, юзунг кўруб ой тутти йўл,
Дер: ер қуйи гар борди ул, бир шабрави айёр кам.
Мискин Навоий берса жон, эй дийда, ҳар дам тўкма қон,
Ул ҳар неча қилса фиғон, сен асрағил зинҳор дам.
* * *
Ҳар киши ёр оллида дер чинни ҳам, ёлғонни ҳам,
Ваҳки, ул бовар қилур воқиъни ҳам, бўҳтонни ҳам.
Жонға еттим мухталиф асҳобидин, ул дилрабо,
Уйлаким кўнглумни олди, кош олса жонни ҳам.
Муддаилар буйла ҳамроз ўлсалар ёр оллида,
Ўзга тутмоқ фарздур ўлмакни, бал ҳижронни ҳам.
Сўз дей олурлар гаҳу бегаҳ, маҳаллу бемаҳал,
Бас маҳалдур, тарк қилсам мулку хонумонни ҳам.
Чунки бағрим қонини кўз йўлидин оқиздилар,
Дам-бадамдурким, сурубтурлар саросар қонни ҳам.
Эй кўнгул, даҳр аҳлиға йўқ ваъдаю паймон дуруст,
Неча куйгунг сен доғи, уз ваъда, буз паймонни ҳам.
Ҳошалиллоҳким, Навоий айлагай тарки вафо,
Бевафо кофирлар олса жонни ҳам, имонни ҳам.
* * *
Хўблар ошиқларин ношод этарлар, шод ҳам,
Ваҳки, бизга ёримиздин лутф йўқ, бедод ҳам.
Турфа кўрким, жаври бирла доғи ғамнок айламас,
Гарчи раҳму илтифоти бирла қилмас шод ҳам.
Йўқки, лаъли нўшидин қилмас ҳаётим фикрини,
Ғамзаи хунрезин этмас жонима жаллод ҳам.
Маҳвашидин кимсага меҳр ўлмаса, хуштур жафо,
Меҳр бунёдин йиқиб, қилмас жафо бунёд ҳам.
Жон берибким, хора ё пўлод етмас ёрдин,
Бу жафони торта олмас хора бал пўлод ҳам.
Соқиё, бир жом ила бу ғамни ёдимдин чиқар,
Гарчи ҳолим шиддатидек чарх бермас ёд ҳам.
Илтифот этмай, Навоийни қилур ҳар дам ҳалок,
Мавт маъҳудиға гар таъйин эмас миод ҳам.
* * *
Ер узра тим-тим қон ёшим гўёки томмас дам-бадам
Ким, нақди васлинг байъиға кўзлар санар бир-бир дирам.
Ишқингда бўлғач хоки раҳ, бўлдум балокашларға шаҳ,
Ғам хайлидин тортиб сипаҳ, оҳ ўтидин чектим алам.
Бир қатла кўрсанг ани, бас, таън этмагай эрдинг ҳавас,
Ишқиға, эйким, ҳар нафас бизни қилурсен муттаҳам.
Эй сарв қадди маҳлиқо, тенгри қачон кўргай раво
Мендин вафо узра вафо, сендин ситам узра ситам.
Йўқ фикри бу девонанинг, титрар ичи ҳамхонанинг
Ким, сақфи бу вайронанинг ашким суйидин бўлди нам.
Мутриб, навое ком тут, муғ дайрида ором тут,
Соқий, лаболаб жом тутким, қасди жоним қилди ғам.
Берганга ғам даҳри дани майхона басдур маскани
Ким, бода дафъ айлар ани, етса кишига ҳар алам.
Дайру ҳарамда сар-басар, ул юздин истарлар хабар,
Кўп ҳам низоъ этма агар ул дер самад, бу дер санам.
Дединг топиб жонон иси, топтим лабидин жон иси,
Келур бу сўздин қон иси, тинма, Навоий, асра дам.
* * *
Ёрға еткач алам, тутти кўнгул хайлини ғам,
Шаҳға чун ранже етар, ранжур ўлур мулк аҳли ҳам.
Ёр уйдин чиқмаса, олам кўзумга тийрадур,
Чун қуёш чиқмас, жаҳондин муртафиъ бўлмас зулам.
Не ҳароратдур сангаким, куйди андин оламе,
Уйлаким ўртар жаҳонни меҳр ўти урғач алам.
Не арақдурким, ичинда ғарқадур нозук танинг,
Барги гулдекким, гулоб ичра чўмар сар то қадам.
Сарвға боғ ичра ҳар ён жилва қилмоқ хуштурур,
Соядек невчун ётибдур сарви гулзори Эрам.
Сенсиз ичмак уйладурким марг жоми ичра заҳр,
Оби ҳайвон бирла гар бўлса лаболаб жоми Жам.
Эй Навоий, садқаси бўлғил алам дафъи учун,
Мен ўлуб, гар ул саломат бўлса, ҳеч эрмас алам.
* * *
Жонға кўксум чокидин жононни меҳмон айладим,
Гавҳаре топтим, ани кўнглумда пинҳон айладим.
Кавкаб эрмас, пахталар тиқмиш қулоғиға сипеҳр,
Ул қуёш ҳажрида тунлар, баски, афғон айладим.
Жонға, эй гул, хори ғам кўп урдунг, эт ваҳм эмдиким,
Ҳар бирин бир новаки оҳимға пайкон айладим.
Кўксум узра ҳар не марҳам эрди, ашк оқизди, вой
Ким, саломат тарҳин ул су бирла вайрон айладим.
Фитна тоши ё саломат соҳили тенгдур манга
Ким, ҳубоби ашкдин бошимға қолқон айладим.
Боиси мақсуд— зоҳид зуҳд қилди, мен — фано
Фақр иқболидин ул мушкулни осон айладим.
Эй Навоий, боғлаб эрди Каъба эҳромин кўнгул,
Кўйидин бир нукта шарҳ айлаб, пушаймон айладим.
* * *
Эйки аввал қоматинг васфини шамшод айладим,
Сарви жаннат бўлки, эмди сени озод айладим.
Ўзгаларни давлати васлингда хуш тут, чунки мен
Хаста кўнглумни ғами ҳижрон била шод айладим.
Хоҳ сен ёр ўл манга, хоҳ ўзгаларнинг ёри бўл,
Чун мен ўз таъбимни бекасликка муътод айладим.
Мужда бер, эй шайхким, тортиб надомат оҳини,
Булҳаваслиқ жузви авроқини барбод айладим.
Неча мен маҳрум ўлуб бўлғай анга маҳрам рақиб,
Шукрким, ғайрат тариқин оқибат ёд айладим.
Ул вафосиз ишқини тарк этмагунча тинмадим.
Не ёмон соатда бу шум ишни бунёд айладим.
Эй Навоий, ҳеч билмонким, уноғойму кўнгул,
Анга мунча ажнабий сўзларки иршод айладим.