Safiyyurrahmon Muborakpuriy. Ar-rahiq al-maxtum  ( 126993 marta o'qilgan) Chop etish

1 2 3 4 B


lolo  26 Noyabr 2009, 07:50:48

 ҲАЖЖАТУЛ ВАДОЪ

 

Даъват ва рисолатни етказиш иши камолига етди, худоликни якка Аллоҳга исботлаш ва Ундан бошқасидан рад қилиш ва рисолатни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга исботлаш асосида янги жамият барпо қилиш тўла амалга ошди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қалбларидаги ички бир туйғу у зотга дунёдаги вазифалари ниҳояланиб бораётгани ҳақида хабар бергандек бўлди. Бинобарин, 10-ҳижрийда Муоз розияллоҳу анҳуни Яманга кузатаётганларида унга айтган сўзлари орасида: «Эй Муоз, сиз мен билан энди кўришолмаслигингиз мумкин, балки менинг масжидим ва қабрим ёнидан ўтарсиз», деган сўзлар бор эди. Шунда Муоз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ажралиб қолишини ўйлаб йиғлаган эди.

Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва салламга йигирма йилдан ошиқ вақт унинг йўлида жуда кўп машаққатлар чеккан даъватлари самарасини кўришни насиб этди. Макка атрофида араб қабилалари вакиллари ва намоёндалари у зотдан диннинг қонун-қоида ва аҳкомларини ўрганишлари учун ва у зот омонатни етказганлари, рисолатни адо қилганлари ва умматга насиҳат қилганлари хусусида улардан гувоҳлик олишлари учун йиғилдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мабрур ва машҳуд бўлган мана шу ҳажни адо этиш қасдини эълон қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ҳаж қилиш истагида Мадинага одам ёғилиб кела бошлади[1]. Зул-қаъда ойидан сўнги беш кун қолганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафарга ҳозирландилар[2]. Бошларини ювиб, сочларини мойлаб, изор ва ридоларини кийдилар, қурбонликка аталган жонлиқларга белги тақдилар, сўнг пешиндан кейин йўлга чиқиб, асрдан олдинроқ Зул-ҳулайфага етиб келдилар ва асрни икки ракъат қилиб ўқидилар. Шу ерда кечани ўтказдилар. Тонг отгач, асҳобларига: «Бу кеча Раббим тарафидан менга бир элчи келиб: «Мана шу муборак водийда намоз ўқинг ва «ҳаж ичра умра» деб ният қилинг, деди», дедилар[3].

Пешин намозини ўқишдан олдин эҳром учун ғусл қилдилар. Сўнг Оиша розияллоҳу анҳо ўз қўллари билан у зотни зарира (бир турли хушбўйлик) билан хушбўйлаб қўйдилар, бошларига ва баданларига мушк суртиб қўйдилар, ҳатто хушбўйлик излари у зотнинг бошлари ва соқолларида кўриниб турарди, кейин уларни шу ҳолича қолдирдилар, ювиб ташламадилар. Шундан сўнг изор ва ридоларини (эҳром либоси) кийиб, икки ракъат пешинни ўқидилар. Сўнг намозгоҳларида ҳаж ва умрани қўшиб «Қирон» ҳажига ният қилдилар. Шундан сўнг туялари Қасвоъга миниб, «лаббайка» айтиб, йўлга чиқдилар.

Маккага яқинлашганларида Зу Туво деган жойда кечани ўтказдилар. Сўнг шу куни – 10-ҳижрий зул-ҳижжа ойининг тўртинчи куни тонг пайтида, бомдод намозини ўқиганларидан кейин ғусл қилиб, Маккага кириб бордилар. Йўлда саккиз кунни ўтказгандилар, бу ўртача масофа эди. Масжиди Ҳаромга кириб келиб, Каъбани тавоф қилдилар, сўнг Сафо ва Марва оралиғида саъй қилдилар. Умрадан сўнг эҳромдан чиқмадилар, чунки қирон ҳажига ният қилиб, жонлиқлар олиб келгандилар. Макканинг юқори тарафига, Ҳажунга тушиб, ўша ерда турдилар. Кейин то ҳаж тавофигача бошқа тавоф қилмадилар.

Қурбонлик учун жонлиқ келтирмаган асҳобларига эҳромларини умра эҳромига айлантиришни, Байтуллоҳни тавоф қилиб, Сафо ва Марва оралиғида саъй қилишгач, эҳромдан чиқишни буюрдилар. Уларнинг бунга бироз иккиланишаётганларини кўриб: «Агар ўтиб кетган ишимни қайтара олганимда эди, қурбонликка жонлиқ келтирмаган бўлардим, жонлиқларим бўлмаганида эҳромдан чиққан бўлардим», дедилар. Шундан сўнг жонлиқ келтирмаган кишилар у зотга итоат қилиб, эҳромдан чиқдилар.

Зул-ҳижжанинг саккизинчи куни – Тарвия куни – Минога йўл олдилар. У ерда беш вақт намозни – пешин, аср, шом, хуфтон ва бомдод намозларини ўқидилар. Сўнг бироз туриб, кун чиққанидан кейин Арафотга йўл олдилар. Намирада у зот учун чодир тикиб қўйилган экан, ўша чодирга тушдилар. Кун тиккадан ўтгач, Қасвони эгарлатиб миндилар ва Батни Водийга бордилар. Атрофларида 124 000 (бир юз йигирма тўрт минг) ёки 144 000 (бир юз қирқ тўрт минг) одам йиғилган ҳолда уларга қуйидаги пурмаъно сўзлари билан хутба қилдилар:

«Эй одамлар, менинг сўзимга яхшилаб қулоқ тутинглар! Чунки, билмайманки, бу йилдан кейин бу ўринда сизлар билан ҳеч қачон учрашмаслигим мумкин»[4].

«Албатта, қонларингиз ва молларингиз ушбу ойингиз, ушбу юртингиз ва ушбу кунингиз ҳурматидек ҳаромдир. Огоҳ бўлинглар! Жоҳилият ишларидан ҳар бир нарса мана шу икки оёғим остига ташлангандир (бекор қилингандир). Жоҳилиятдаги қонлар (яъни, қасослар) ҳам бекор қилинди. Қонларимиздан мен биринчи бўлиб бекор қиладиган қон Рабиъа ибн ал-Ҳориснинг ўғлининг қонидир – у Бану Саъдга эмизиш учун берилган эди ва уни Ҳузайл қабиласи қатл қилганди – Жоҳилиятдаги рибо ҳам бекор қилинди. Риболаримиздан мен биринчи бўлиб бекор қиладиган рибо Аббос ибн Абдулмутталибнинг рибосидир. Унинг ҳаммаси бекор қилинди».

«Аёллар хусусида Аллоҳдан қўрқинглар! Зеро, сизлар уларни Аллоҳнинг омонати билан олдингиз, уларнинг фаржларини Аллоҳнинг калимаси ила ҳалол қилиб олдингиз. Сизлар учун уларнинг зиммасида сиз ёмон кўрган бирор кишига тўшакларингизни бостирмаслик мажбурияти бор. Агар ўшани қилсалар уларни ачитмайдиган қилиб уринглар. Улар учун сизнинг зиммангизда маъруф йўл билан ризқлари ва кийимлари мажбурияти бор».

«Дарҳақиқат, мен сизларга маҳкам ушласангиз ҳеч қачон адашмайдиган нарсани - Аллоҳнинг Китобини қолдирдим»[5].

«Эй одамлар, мендан сўнг пайғамбар йўқдир, сизлардан сўнг бошқа уммат йўқдир. Бас, Раббингизга ибодат қилингиз, беш вақт намозингизни ўқингиз, бир ой рўзангизни тутингиз, молларингизнинг закотини кўнгилдан чиқариб адо қилингиз, Раббингизнинг Байтини ҳаж қилингиз, бошлиқларингизга итоат қилингиз, Раббингизнинг жаннатига дохил бўлгайсиз»[6].

«Сизлар мен ҳақимда сўраласизлар. Ўшанда нима деб жавоб берасизлар?», дедилар. «Албатта етказганингизга, адо этганингизга ва насиҳат қилганингизга гувоҳлик берамиз», дейишди.

Шунда у зот кўрсаткич бармоқларини осмонга қаратиб, сўнг у билан одамларга ишора қилиб, уч бор: «Парвардигор, Ўзинг гувоҳ бўл!», дедилар[7].

Арафотда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларини Рабиъа ибн Умаййя ибн Халаф баланд овозда одамларга етказиб турган эди[8].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хутбадан фориғ бўлганларидан сўнг у зотга Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятлари нозил бўлди: «Бугун сизларга динингизни комил қилдим, неъматимни бенуқсон, тўкис қилиб бердим ва сизлар учун (фақат) Исломни дин бўлишига рози бўлдим» (Моида: 3). Ушбу оятлар нозил бўлганида Умар розияллоҳу анҳу йиғлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан: «Нега йиғлаяпсиз?», деб сўраганларида: «Динимизда зиёдалашиб бораётган эдик. Энди у комил бўлибди. Одатда, қай бир нарса комил бўлса, унга нуқсонлар кира бошлайди. Шунинг учун йиғладим», деди. «Тўғри айтасиз», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам[9].

Хутбадан сўнг Билол азон айтиб, сўнг иқома айтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жамоатга имом бўлиб, пешинни ўқидилар. Сўнг Билол иқома aйтди, аср намозини ўқидилар. Икки намоз ўртасида бошқа ҳеч қандай намоз ўқимадилар. Сўнг туяларига миниб, мавқифга бордилар. Туялари Қасвонинг қорнини тошларга қилдилар. Пиёдалар у зотнинг олди тарафларида бўлиб қолди. Қиблага қараб турдилар ва шу туришларида то қуёш тўла ботгунча турдилар.

Сўнг Усомани орқаларига мингаштириб, Муздалифага келдилар. У ерда шом ва хуфтонни битта азон ва икки иқома билан ўқидилар, ўртада ҳеч қандай нафл намоз ўқимадилар. Сўнг бомдод бўлгунича ётдилар. Бомдод вақти бўлгач, азон ва иқома билан бомдодни ўқидилар. Кейин Қасвога миниб, Машъарул Ҳаромга келдилар ва қиблага юзланиб, дуо қилдилар, такбир, таҳлил ва тавҳид калималари айтдилар. То тонг ёришиб кетгунича шу ҳолда турдилар.

Кун чиққанидан сўнг Фазл ибн Аббосни мингаштириб, Муздалифадан Минога қараб йўл олдилар. Батни Муҳассарга келганларида бир оз тезладилар. Сўнгра Жамратул Куброга чиқадиган ўрта йўлга тушдилар. Дарахт олдидаги Жамрага келиб – у ҳозирги Жамратул Кубро бўлиб, ўша замонда унинг олдида дарахт бор эди, уни Жамратул Ақаба ва Жамратул увло деб аталади – еттита тош отдилар, ҳар бир тошни отганда такбир айтдилар. Тошларни Батни Водийдан отдилар. Кейин қурбонлик сўйиладиган жойга бордилар. Олтмиш учта туяни ўз қўллари билан бўғизладилар. Сўнг Алийга бердилар, қолган ўттиз еттита туяни у сўйди. Ҳаммаси бўлиб юзта туя сўйдилар, уни ҳам ўз қурбонликларига шерик қилдилар. Сўнгра ҳар бир туянинг гўштидан оз-оздан олдириб, қозонга солдириб пиширтирдилар. Икковлари ундан еб, шўрвасидан ичдилар.

Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уловларига миниб, Байтуллоҳга бориб, ифоза тавофи қилдилар. Маккада пешинни ўқигач, Замзамдан сув тортиб, одамларга тарқатаётган Бану Мутталиб қавми олдига бордилар ва уларга: «Тортинглар, Бану Абдилмутталиб! Одамлар сизларнинг сувчилигингизга ғолиб бўлиб кетишидан қўрқмаганимда мен ҳам сизлар билан бирга сув тортган бўлардим», дедилар. Улар бир челакда сув узатишди, ундан ичдилар[10].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қурбонлик куни – яъни, зул-ҳижжанинг ўнинчи куни ҳам чошгоҳ вақти кулранг хачирга минган ҳолда хутба қилдилар. Алий ибн Аби Толиб у кишининг гапларини одамларга етказиб турди. Баъзилар тик турган, баъзилар ўтирган ҳолда у зотнинг хутбаларини тингладилар. Ушбу хутбаларида кечаги хутбаларида ўтган баъзи сўзларни яна такрор айтиб ўтдилар. Бухорий ва Муслим Абу Бакра розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қурбонлик куни бизга хутба қилиб: «Албатта, замон Аллоҳ таоло осмонлару ерни яратган кунидаги ҳолатида айланиб турибди. Бир йил ўн икки ойдан иборат. Бундан тўрт ойи ҳаром ойлардир, учтаси бирин-кетин: зул-қаъда, зул-ҳижжа ва муҳаррам, ҳамда икки жумодий ва шаъбон ўртасидаги ражаб ойи» дедилар.

«Бугун қандай кунлигини биласизларми?», дедилар. Улар: «Аллоҳ ва Расули билувчироқ», дейишди. У зот бироз жим турдилар, энди биз уни бошқача ном билан атасалар керак, деб ўйлаб турган эдик: «Қурбонлик куни эмасми?!», дедилар. Биз: «Ҳа, шундай ё Расулуллоҳ», дедик. «Бу қайси шаҳар? Баладул-ҳаром эмасми?!», дедилар. Биз: «Ҳа, шундай ё Расулуллоҳ», дедик. «Сизларнинг қонларингиз, молларингиз, обрў-номусларингиз мана шу шаҳрингиз, мана шу ойингиз, мана шу кунингизнинг ҳаромлигидек ҳаромдир».

«Яқинда сизлар Раббингизга йўлиқасиз, У зот сизларни амалларингиз ҳақида сўроққа тутади. Огоҳ бўлингиз, мендан сўнг бир-бирингизнинг бўйнингизга қилич соладиган кофирларга айланиб кетманглар!».

«Огоҳ бўлингиз, етказдимми?!», дедилар. Биз: «Ҳа», дедик. «Парвардигоро, Ўзинг гувоҳ бўлгайсан. Шу ерда ҳозир бўлганлар ҳозир бўлмаганларга етказсинлар! Зеро, баъзи етказувчилар бўладики, ўзидан кўра яхшироқ англайдиган кишиларга етказадилар», дедилар.

Бир ривоятда: «Огоҳ бўлингиз, ҳар бир жиноят қилувчи фақат ўзининг зарарига жиноят қилади. Огоҳ бўлингиз, отанинг жинояти боласининг зарарига, боланинг жинояти отасининг зарарига бўлмайди. Огоҳ бўлингиз, шайтон сизларнинг бу диёрингизда маъбуд бўлишдан бутунлай умидини узди. Аммо, сизлар арзимас деб кўрган ишларингизда ҳам у учун итоат ҳосил бўлиб, у шундан ҳам рози бўлади»[11].

Ташриқ кунлари Минода туриб, ҳаж ибодатларини адо этдилар, унинг тартиб-қоидаларини таълим бердилар, Аллоҳни зикр қилдилар, Иброҳим алайҳиссаломдан бери келаётган суннатларни барпо қилдилар, ширк белгилари ва асоратларини ўчирдилар.

Ташриқ кунларининг бирида ҳам хутба қилдилар. Абу Довуд ҳасан санад билан Сарроъ бинт Наҳбондан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам руъус куни (ташриқ кунларининг иккинчиси) бизларга хутба қилиб: «Бу ташриқ кунларининг ўртаси эмасми?!», дедилар[12]. Бу кундаги хутбалари ҳам худди қурбонлик кунидаги хутбаларидек бўлди. Бу хутбаларини «Наср» сураси нозил бўлиши ортидан қилдилар.

Минодан қайтишнинг иккинчи куни, яъни зул-ҳижжанинг ўн учинчи куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Минодан қайтиб, водийнинг Бану Кинона тарафидаги ёнбағирга тушдилар. Ўша куннинг қолган қисмини ва тунни шу ерда ўтказдилар. Пешин, аср, шом ва хуфтонни ўқидилар, сўнг ётиб дам олдилар. Эртаси куни Байтуллоҳга йўл олдилар ва видолашув тавофини қилдилар, одамларни ҳам шундай қилишга буюрдилар.

Ҳажнинг барча расм-русумлари тамомига етгач, тин олиб, роҳатланиш учун эмас, балки Аллоҳ учун кураш ва Аллоҳ йўлидаги жиҳодни яна давом эттириш учун Мадинаи Мутаҳҳарага қараб йўл олдилар[13].

 

Охирги марта сарийя юборишлари

 

Рум давлатининг кибру ҳавоси уни Аллоҳ ва Расулига иймон келтирган инсонларга яшаш ҳуқуқини беришдан ҳам бош тортадиган қилиб қўйди, бу давлат ўз фуқаролари ичидан Исломга кирган кишиларни аёвсиз ўлдира бошлади. Буни Рум томонидан Маъонга волий бўлиб турган Фарва ибн Амр ал-Жузомийнинг қатл этилиши мисолида ҳам кўриш мумкин.

Румдан бу қадар кеккайиш ва журъат содир бўлаётганини кўрган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Румнинг эсини жойига киритиб қўйиш ва ҳудуд яқинида яшовчи араблар қалбига ишончни қайтариш учун, омма онгига черковнинг зўравонлигини тийиб қўювчи куч йўқ, Исломга кириш дегани ўз жонини хатарга гирифтор этиш демакдир, деган фикр сингиб қолмаслиги учун 11-ҳижрийнинг сафар ойида улкан қўшинни сафарга ҳозирлашга киришдилар. Унга амир қилиб Усома ибн Зайд ибн Ҳорисани танладилар ва Фаластиннинг Балқоъ ва Дорум ҳудудларига қараб от суришга амр қилдилар.

Одамлар лашкарбошининг ёши кичиклиги жиҳатидан баъзи эътирозларни билдиришди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизлар унинг амир бўлишидан норози бўлсаларингиз, бундан аввал унинг отасининг амир бўлишига ҳам рози бўлмаган эдингизлар. Аллоҳга қасамки, у албатта амирликка лойиқ эди ва мен учун энг суюмли одамлардан эди. Бу (яъни, унинг ўғли) ундан кейин менга энг суюмли кишилардандир», дедилар[14].

Шундан сўнг одамлар Усоманинг атрофида йиғилиб, унинг лашкари сафига кира бошладилар. Қўшин йўлга отланиб, Мадинадан бир фарсах масофадаги Журфга бориб тўхтаган пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг касалликлари ҳақида етиб келган хавотирли хабарлар уни тўхтаб туришга ва Аллоҳнинг у зот ҳақларидаги ҳукмини кутиб туришга мажбур қилди. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло ушбу қўшинни Абу Бакр Сиддиқнинг халифаликларида энг биринчи юборилажак қўшин бўлишини ирода қилган экан[15].



[1] Имом Муслим Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган: Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳажлари ҳақидаги боб: 1/394.

[2] Фатҳул Борий: 8/104.

[3] Имом Бухорий Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган: 1/207.

[4] Ибн Ҳишом: 2/603.

[5] Саҳиҳ Муслим: 1/397.

[6] Ибн Жарир, Ибн Асокир ривоятлари. Қаранг: Маъданул-аъмол (1108, 1109-ҳ).

[7] Саҳиҳ Муслим: 1/397.

[8] Ибн Ҳишом: 2/605.

[9] Абу Шайба ва Ибн Жарир ривоятлари, Тафсири Ибн Касир: 2/15, Ад-дуррул-мансур: 2/456.

[10] Саҳиҳ Муслим: 1/397-400.

[11] Термизий ривояти: 2/38, 135, Ибн Можа ривояти, Мишкотул масобийҳ: 1/234.

[12] Абу Довуд ривояти: 1/269.

[13] Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳажлари тафсилоти билан қуйидаги манбалардан танишишингиз мумкин: Саҳиҳул Бухорий: 1 ва 2/631, Саҳиҳ Муслим: «Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳажлари» боби, Фатҳул Борий, Китоби маносик, 3ـмужаллад, 8/103-110, Ибн Ҳишом: 2/601-605, Зодул маод: 1/196, 218-240.

[14] Саҳиҳул Бухорий: 2/612.

[15] Саҳиҳул Бухорий: 2/612, Ибн Ҳишом: 2/606, 612.


Qayd etilgan


lolo  26 Noyabr 2009, 07:53:30

КЎРИНИШЛАРИ ВА ХУЛҚ-АТВОРЛАРИ

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам васфидан қалам ожиз бўладиган даражада гўзал қадду-қомат ва мукаммал одоб-ахлоқ билан ажралиб турардилар. Бунинг таъсирида қалблар у зотни улуғлаш билан тўлиб-тошар, одамларнинг у зотни асраб-авайлаш ва ҳурмат-эҳтиром кўрсатишлари борасида дунёда бошқа бирон кишига насиб қилмаган мартабага эришган эдилар. Атрофларида яшаб турган кишилар у зотни телбавор севишар, у зотга тирноқча заҳмат етиши ўрнига ўз бўйинлари синдирилишига рози бўлишар эди. Башар авлодидан бирон кимсага ато этилмаган ва фақат ўзларига хос бўлган камолот сифатлари у зотни одамларга шу қадар суюкли қилиб қўйган эди. Қуйида биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг камолу жамолларини тўла ифодалаб беришга ожизлигимизни эътироф этган ҳолда, шу ҳақда келган ривоятларни қисқача баён қиламиз.

 

Ташқи кўринишларининг гўзаллиги

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага ҳижрат қилиб бораётганларида Умму Маъбад ал-Хузоия исмли аёлнинг чодири ёнида бир тўхтаб ўтгандилар. Ўша аёл эрига у зотни қуйидагича таърифлаган эди: «Ғоят кўркам, юзларидан нур ёғилиб турувчи, гўзал хулқли, боши ва қорнини на катталик, на кичиклик билан айблаб бўлади, ҳусндор ва гўзал, кўз қорачиғи тим қора, киприклари узун, овозларида бироз майинлик бор, бўйни салгина узун, кўзининг оқи тиниқ оқ, қошлари камон, сочлари қоп-қора, сукут сақлаганида виқор, сўзлаганида эса кўркамлик балқиб туради, узоқдан қараганда ғоят келишган ва кўркам, яқиндан кўрганда ғоят гўзал ва ёқимли, сўзлари ширин ва дона-дона, сергап ҳам, камгап ҳам эмас, сўзлари худди ипга терилган мунчоқдек, ўртабўйли, кўрган киши на пакана ва на дароз деб айблай олади, икки новда ўртасида турган энг чиройли ва кўркам бўлиб турган учинчи новда, ёнида ҳамроҳлари ҳам бор, улар унинг сўзларига жим туриб қулоқ солишади ва буйруқларини бажаришга ошиқишади, улар унинг амрига мунтазир бўлиб, ёнидан нари кетишмайди, у қовоқ уювчи ҳам, бировни камситувчи ҳам эмас»[1].

Алий ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг васфларини мана бундай таърифлаган эди: «У зотнинг бўйлари ўта узун ҳам, ўта паст ҳам эмас, ўрта бўйли эдилар. Сочлари ўта жингалак ҳам, ўта силлиқ ҳам эмас, жингалаклик ва силлиқлик ўртасида эди. Баданлари семиз ҳам, юзлари гўштдор ва дум-думалоқ ҳам эмас эди. Юзлари бироз думалоқликка мойил, тиниқ оқ эди. Кўзларининг қорачиғи тим қора, киприклари узун, елка ва бўғин суяклари катта, кўкракларидан қоринларигача майин ва энсиз тук билан қопланган, баданлари жундор эмасди. Оёқ-қўллари залворли, юрганда худди қияликдан тушиб келаётгандек салобат билан юрардилар. Ўгирилиб қарамоқчи бўлсалар, бутун гавдалари билан бурилар эдилар. Икки кифтлари ўртасида пайғамбарлик муҳри бор эди, у зот охирги пайғамбар эдилар. У зот ғоят қўли очиқ, ниҳоятда журъатли, ўта ростгўй, аҳдига вафодор, хулқ-атвори мулойим, ўта самимий инсон эдилар. Дастлаб кўрган кишини ҳайбатлари босар, яқиндан таниган одам эса у кишини яхши кўриб қоларди. У зот ҳақларида сўзлаган одам: «Мен у зотдан аввал ҳам, кейин у кишига ўхшаганини кўрмадим», дер эди»[2].

Бир ривоятда Алий розияллоҳу анҳу айтади: «Бошлари катта, бўғин суяклари йўғон, кўкракдан қорингача чўзилган майин тукли, юрганда қияликдан тушиб келаётгандек зарб билан юрардилар»[3].

Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳу айтади: «У зотнинг оғизлари каттароқ, кўзларининг оқида бироз қизиллик бор, оёқ кафтлари гўштсизроқ эди»[4].

Абут-Туфайл розияллоҳу анҳу айтади: «Оппоқ, кўркам юзли, ўрта бўйли эдилар»[5].

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтади: «Кенг елкали, тиниқ рангли эдилар, ранглари жуда оқ ҳам, қора ҳам эмас эди. Соч-соқолларидаги оқ туклар сони йигирматага ҳам бормасди»[6].

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу яна: «Икки чаккаларида бир оз оқ толалар бор эди», деган. Бошқа бир ривоятда эса: «Бошларида (яъни сочларида) озгина оқи бор эди, холос», дейди[7].

Абу Жуҳайфа розияллоҳу анҳу айтади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пастки лаблари остида, соқолларида бир озгина оқини кўрдим»[8].

Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳу айтади: «Соқолларида бир нечагина оқ толалари бор эди»[9].

Бароъ розияллоҳу анҳу айтади: «Хушқад, кенг елкали эдилар, сочлари қулоқларининг юмшоғига етарди. Мен у зотни қизил ҳуллада[10] кўрдим, у кишидан кўра чиройлироқ инсонни асло кўрмаганман»[11].

Олдинлари аҳли китобларга мувофақат қилишни истаб, сочларини пешоналарига тушириб юрардилар, кейинчалик бошларида фарқ очиб юрадиган бўлдилар[12].

Бароъ розияллоҳу анҳу айтади: «Одамларнинг энг гўзал юзлиси ва гўзал хулқлиси эдилар»[13].

Ундан: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юзлари қиличдекмиди?»», деб сўрадилар. У: «Йўқ, ойдек эди», деб жавоб берди. Бир ривоятда: «Юзлари думалоқроқ эди», деди[14].

Рубаййиъ бинт Муаввиз розияллоҳу анҳо айтади: «Мен у зотни кўрсам, порлаб турган қуёшни кўргандек бўлардим»[15].

Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳу айтади: «Мен у зотни ойдин кечада кўрдим. Эгниларида қизил ҳулла (либос) бор эди. Мен бир ойга, бир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарардим. Назаримда у киши ойдан-да гўзалроқ эдилар»[16].

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан гўзалроқ бирон кимсани кўрмадим. Гўё қуёш у кишининг юзларида юргандек бўларди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўра тезроқ юрувчи бирон кишини кўрмадим. Гўё ер у киши учун йиғилиб келгандек бўларди. Биз қийналиб, ҳансираб қолардик, у зот эса хотиржам кетаверар эдилар[17].

Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳу айтади: «Хурсанд бўлсалар, юзлари ойдек ёришиб кетарди»[18].

Бир марта Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳузурида оёқ кийимларини ямаб ўтириб терлаб кетдилар. Оиша ип йигириб ўтирарди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юзларидан нур ёғила бошлади. Буни кўрган Оиша ҳайратланиб деди: «Аллоҳга қасамки, агар ҳозир сизни Абу Кабир ал-Хузалий кўрганида эди, ўзининг мана бу шеърига ҳаммадан кўра сизнинг ҳақлироқ эканингизни билган бўлар эди:

 

Боқсанг унинг нур ёғилган юзига

Чақмоқда ёришган оқ булут дейсан»[19].

 

وإذا نظرت إلى أسرة وجهه ** برقت كبرق العارض المتهلل

 

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу у зотни кўрган чоқ шундай дердилар:

 

Яхшиликка чорлар Амин Мустафо

Зулматни ёритган ойдек мусаффо[20].

 

أمين مصطفى بالخير يدعو ** كضوء البدر زايله الظلام

 

Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу Зуҳайрнинг Ҳарим ибн Синон ҳақида айтган қуйидаги шеърини ўқирди:

 

لو كنت من شيء سوى البشر ** كنت المضيء لليلة البدر

 

Агар бўлмасайдинг фарзанди башар,

Бўлардинг ойдинда нур сочган қамар.

 

Сўнгра: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ана шундай эдилар», дерди[21].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ғазаблансалар, юзлари қизариб кетар, гўё ёноқларига анор сиқиб қўйилгандек бўлиб кетарди[22].

Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳу айтади: «Болдирлари бироз ингичка эди. Кулсалар фақат табасум қилиб қўярдилар. У зотнинг юзларига боқиб, кўзларига сурма тортилган деб ўйлардим, аслида сурма қўйилмаган бўларди»[23].

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтади: «У зотнинг тишлари жуда чиройли эди»[24].

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: «Курак тишларининг ораси очиқ бўлиб, гапирган пайтларида тишлари орасидан нур таралаётгандек бўларди»[25].

«У зотнинг бўйинлари кумушдек соф, худди чизилган суратнинг бўйнидек, қовоқларининг четлари эгикроқ, соқоллари қалин, пешоналари кенг, қошлари ингичка ва ёйсимон бўлиб, бирـбирига туташмаган, бурунлари нозик ва узунроқ, ёноқлари текис, бўғизлари остидан киндикларигача чўзилган майин туклардан ташкил топган узун чизиқ бўлиб, қоринларида ҳам, кўкракларида ҳам бошқа жунлари бўлмаган. Елка ва билаклари жундор, қоринлари билан кўкраклари бир текис, кўкраклари кенг, билакларининг кафтга яқин қисми узун, кафтлари кенг, болдир ва билаклари залворли, товонларининг ерга тегмайдиган қисми аниқ билиниб турувчи, қадамларининг учлари чўзинчоқ, юрсалар шаҳдам қадам ташлаб, енгил юрар эдилар[26].

Анас розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кафтларидан кўра мулойимроқ бўлган на ипак, на бошқа нарсани ушламадим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бўйидан кўра хушбўйроқ бирон ҳидни топмадим». Бир ривоятда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳидларидан ёки бўйларидан кўра хушбўйроқ на мушк, на анбар ва на бошқа бирон хушбўйлик топмадим»[27].

Абу Жуҳайфа розияллоҳу анҳу айтади: «У зотнинг қўлларини олиб, юзимга босдим. Қўллари қордан-да муздек ва мушкдан-да хушбўйроқ эди»[28].

Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳу болалик пайтини эслаб айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юзимни силадилар, қўлларида салқинлик ёки хушбўйликни ҳис қилдим, уларни гўё атторнинг қутисидан чиқаргандек эдилар»[29].

Анас розияллоҳу анҳу айтади: «Терлари маржондек эди. (Онам) Умму Сулайм: «У (яъни терлари) хушбўйларнинг хушбўйи», деди»[30].

Жобир розияллоҳу анҳу айтади:   «Бир йўлдан юриб ўтган бўлсалар, у зотдан кейин шу йўлдан юрган одам хушбўй ҳидларидан – ёки терларининг хушбўй ҳидидан – у зотнинг бу ердан ўтганини билиб оларди»[31].

Икки кураклари орасида терилари рангида кабутар тухумидек катталикда хотамун-нубувват (пайғамбарлик муҳри) бор эди, у чап куракларининг тепа қисмида бўлиб, устида бўртиб чиққан дона-дона холлар бор эди[32].

 

Руҳий камолотлари ва олий ахлоқлари

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тилларининг фасоҳати ва сўзларининг балоғатида ҳам бошқалардан яққол ажралиб турардилар ва бу борада энг афзал мақомда ва энг олий ўринда эдилар. Таъблари етук, тиллари равон, сўзлари таъсирли ва маънолари равшан ҳамда ортиқча такаллуфдан холи бўлиб, пурмаъно сўзлар ато этилган ва гўзал ҳикматлар билан хосланган эдилар. Арабларнинг лаҳжаларини яхши билар ва ҳар бир қабила аҳлига уларнинг лаҳжасида хитоб қилар ва уларнинг тилларида сўзлар эдилар. У зотда бадавийларга хос сўзамоллик ва чиройли гапириш ҳамда шаҳарликларга хос аниқ-тиниқ иборалар қўллаб, сермазмун сўзлаш жамланган бўлиб, бу борада, албатта, ваҳий орқали илоҳий мададга ҳам эга эдилар.

У зотни Аллоҳ таолонинг Ўзи ҳалимлик, чидамлилик, қодир бўла туриб кечириб юбориш, азиятларга сабр қилиш сифатлари билан одоблантирган эди. Ҳар қандай ҳалим одамдан ҳам гоҳо сабр косаси тўлиб, чидаёлмай қолиши ҳоллари учраб туради. Бироқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга озор кучайгани сари у зотнинг сабрлари зиёда бўлиб борди, жоҳилларнинг жаҳолати кучайгани сари у зотнинг ҳалимликлари ошиб борди. Оиша розияллоҳу анҳо айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қачон икки иш ўртасини танлашга ихтиёрли бўлсалар, модомики гуноҳ бўлмаса енгилроғини олардилар. Агар гуноҳ бўлса, ундан энг узоқ одам бўлардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари учун ўч олмаганлар, фақат Аллоҳнинг ҳурматлари поймол этилса, Аллоҳ учун ўч олардилар»[33]. У зот одамларнинг энг ғазабдан узоқроғи ва розиликка энг шошувчироғи эдилар.

Саховат ва жўмардликда тенгсиз эдилар, фақирликдан хавфи йўқ кишининг улашишидек улашардилар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларнинг энг сахийси эдилар. Рамазонда Жибрил алайҳиссалом билан учрашганларида яна ҳам сахий бўлиб кетардилар. Жибрил алайҳиссалом Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Рамазоннинг ҳар кечаси учрашарди ва у билан Қуръонни дарс қилишарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг яхшилик қилишдаги сахийликлари эсаётган шамолдан ҳам тез эди»[34]

Жобир розияллоҳу анҳу айтади: «У зотдан бирон нарса сўралса, ҳеч қачон йўқ демасдилар»[35].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам журъат, шижоат, мардлик каби сифатларда тутган ўринлари ҳам маъруф ва машҳур. У зот энг шижоатли кишилардан эдилар. Жанг майдонларида бир неча бор манаман деган жасур ва шижоатли кишилар ҳам ташлаб қочган оғир лаҳзаларда ҳам мардонавор турганлар, олдинга интилиб, ортга чекинмай, саросимага тушмай, душманга қарши жанг қилганлар. Ваҳоланки, ҳар қандай жасур қаҳрамондан ҳам бир ёки бир неча бор жанг майдонидан чекиниш содир бўлади. Алий розияллоҳу анҳу айтади: «Жанг қизиб, ҳолатлар танглашган ва даҳшатдан кўзлар қизарган пайтларда биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг орқаларига ўтиб, жон сақлар эдик. Бирон бир одам у кишидан кўра душманга яқинроқ бўлмас эди»[36]. Анас розияллоҳу анҳу айтади: «Мадина аҳли бир кеча ногаҳоний бир товушдан ҳузурсиз бўлди. Шунда одамлар овоз томонга қараб юрдилар. Улар йўлда ортга қайтаётган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга йўлиқдилар. У зот Абу Талҳанинг отини яйдоқ миниб, бўйинларида қиличлари билан, ҳодиса хабарини билиб, қайтаётган эканлар. Одамларга: «Қўрқманглар, қўрқманглар, ҳеч гап йўқ!», дедилар»[37].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаёлари ҳам жуда кучли бўлиб, бировларга тик боқмас эдилар. Абу Саид ал-Худрий айтади: «Чимилдиқдаги келинчакдан ҳам ҳаёлироқ эдилар. Бирон нарсани ёқтирмасалар, юзларидан билинарди. Бировнинг юзига тик қараб турмасдилар, кўзларини ерга тикиб турардилар. Ерга боқиб туришлари осмонга қарашларидан кўпроқ бўларди. Назарлари асосан мулоҳазадан иборат бўлар, ҳаёлари кучлилигидан ва олижанобликлари туфайли бировга у ёқтирмайдиган сўз билан мурожаат қилмасдилар, бировдан ўзларига ёқмаган бирон иш содир бўлса, унинг номини атамасдан: «Одамларга нима бўлдики, шундай ишни қилишаяпти?!», дердилар.

Фараздақнинг қуйидаги байтлари у зот шаънига энг муносиб келар эди:

 

Ерга тикар ҳаёла, маҳобатла кўзини

Табассумла сўзлагай ҳар бир айтган сўзини.

 

يغضي حياء ويغضي من مهابته ** فــلا يكلـم إلا حيـن يبتسـم

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларнинг энг адолатлиси, энг иффатлиси, энг ростгўйи, энг омонатлиси эдилар. Буни у зотнинг душманлари ҳам тан олишарди. Пайғамбар бўлишларидан илгариёқ «Амин» (омонатли) деб ном олгандилар. Ҳали Ислом келмасидан, жоҳилият даврида ҳам одамлар у кишини ўз можароларига ҳакам қилиб, ҳузурларига келишарди. Имом Термизий Алий розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда Абу Жаҳл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Биз сени ёлғончи санамаймиз, лекин сен келтирган нарсани инкор қиламиз», деган эди. Шундан сўнг Аллоҳ таоло: «Зотан, улар сизни ёлғончи қилмайдилар, балки бу золимлар Аллоҳнинг оятларини инкор қиладилар» (Анъом: 33) оятини нозил қилди[38].

Ҳирақл Абу Суфёндан: «Сизлар уни шу айтаётган сўзларини айтишидан олдин ёлғончиликда айблармидингиз?» деб сўраганида у: «Йўқ», деб жавоб берганди.

У зот ғоят тавозеъли, кибрдан узоқ киши эдилар. Ўзлари учун одамларни подшоҳлар учун тургандек туришдан қайтарардилар. Мискинлар ҳолидан хабар олардилар, камбағал-мискинлар билан бирга ўтирардилар, қулнинг чорловини ҳам қабул қилардилар, асҳоблари ичида улардан бири каби ўтирардилар. Оиша розияллоҳу анҳо айтади: «Ўз пойабзалларини ямар, кийимларини тикар, сизлардан бирингиз ўз уйида нима ишларни қилса, у зот ҳам шуни қилардилар. Оддий инсон эдилар, кийимларини ўзлари тозалар, эчкиларини соғар, ўз юмушларини ўзлари қилар эдилар»[39].

У зот аҳдларга энг вафодор, қариндошлар билан алоқани энг ўрнига келтирувчи, одамларга энг шафқатли, энг меҳрибон ва энг раҳмдил, муомала борасида энг одобли, хулқ-атвор жиҳатидан энг оддий, ёмон ахлоқлардан энг узоқ киши эдилар. Ёмон ишларни қилувчи, ҳаёсиз сўзларни сўзловчи, бозорларда шовқин қилувчи эмас эдилар. Ёмонликка ёмонлик қайтармас, балки авф қилар ва кечирар эдилар. Бирон кишини ўз ортларидан юришга қўймасдилар. Ейиш-ичишда ҳам, кийим-кечакда ҳам қул-чўриларидан юқори бўлмасдилар. Ўзларига хизмат қилган кишига хизмат қилар, ходимларига ҳеч қачон «уфф» демасдилар. Уларни бирон ишни қилгани ёки қилмагани учун койиб, уришмас эдилар. Мискинларни яхши кўрар, улар билан суҳбатлашиб ўтирар, жанозаларида иштирок этар эдилар, камбағални камбағаллиги учун камситмас эдилар. Сафарларидан бирида қўй сўйиб, таом ҳозирлашга буюрдилар. Шунда бир киши: «Мен сўяман», деди. Бирови: «Мен терисини шиламан», деди, яна бирови: «Мен пишираман», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен ўтин териб келаман», дедилар. Улар: «Сиз қўяверинг, ўзимиз кифоя қиламиз», дейишди. «Кифоя қилишларингизни биламан. Лекин, сизлардан ажралиб туришни истамайман. Зеро, Аллоҳ таоло бандасини шериклари ичида ажралиб кўриниб туришини ёқтирмайди», дедилар, сўнг туриб, ўтин териб келдилар[40].

Ҳинд бинт Аби Ҳоланинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни таърифлаб айтган сўзларига қулоқ тутайлик, у жумладан, шундай дейди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жиддий ва серташвиш, доим фикрга чўмган инсон эдилар, роҳат нималигини билмасдилар, керагидан ортиқча сўзламасдилар, кўп сукут сақлардилар. Гапирганда оғизларини очиб, бошидан охиригача аниқ-тиниқ қилиб гапирардилар, оғизларининг чети билан гапирмасдилар, дона-дона қилиб, ортиқча чўзмай, жуда қисқа ҳам қилмай, сермазмун ва пурмаъно иборалар билан сўзлардилар, беписанд ва таҳқирловчи сўзлардан йироқ эдилар. Озгина неъматни ҳам кўп санардилар, бирон нарсани камситмас, таомни айбламас ва мақтамас ҳам эдилар. Агар бирон нарса ҳаққа зид келиб қолса, то уни ўз ўрнига келтирмагунча у зотнинг ғазабларига ҳеч нарса бас келолмасди. Ўз шахсиятлари учун ғазабланмас ва ўз манфаатлари учун бировдан устун келмас эдилар. Ишора қилмоқчи бўлсалар, кафтлари билан тўла ишора қилардилар. Ажаблансалар, кафтларини айлантирар, ғазаблансалар, юз ўгирар ва қўлларини силтаб қўяр эдилар. Хурсанд бўлсалар, кўзларини юмардилар, кулгилари табассумдан иборат бўлиб, тишлари дўл доначаларидек бўлиб кўринар эди. Кераксиз сўзлардан тилларини тияр эдилар. Асҳобларини яқин олардилар, уларни бир-бирларидан фарқламас эдилар. Ҳар бир қавмнинг улуғини ҳурматлар ва уни ўз қавмига бошлиқ қилиб тайинлар эдилар. Одамларга ҳушёр қарардилар, улардан ҳеч бир кишига бирон ёмонлик қилмаган ҳолда эҳтиёт чорасини кўриб қўяр эдилар.

Асҳобларини йўқлаб турардилар, одамларнинг аҳволи ҳақида одамлардан сўраб-суриштириб турардилар. Яхшиликни яхши санар ва унга рағбатлантирар, ёмонликни ёмон санаб, унинг пайини қирқишга ҳаракат қилар эдилар. Ишлари мўътадил, ихтилофдан узоқ эди. Одамларнинг ғафлатга тушишидан ёки малолланиб қолишидан ташвиш қилиб, доим ҳушёр турардилар. Ҳар қандай ҳолат учун тайёргарликлари бор эди. Ҳақдан қосирлик қилмасдилар, ҳақдан бошқасига ўтиб ҳам кетмасдилар.

У зотнинг ёнларига энг яхши одамлар жамланган эди. У зотнинг наздларида одамларнинг энг яхшилари энг холис насиҳат қилувчилари, даражаси энг улуғлари эса бировларга ҳамдард ва қўллаб-қувватловчи бўлувчилари эди.

У зотнинг ўтиришлари ҳам, туришлари ҳам фақат зикр билан бўлар эди. Ўзлари учун хос жой тайёрлатмасдилар, мажлисларда қаер бўш бўлса, ўша ерга ўтирардилар ва одамларни ҳам шунга буюрардилар. Суҳбатдошларидан ҳар бирига етарлича аҳамият қаратар, улардан ҳеч бири бошқа бировни у зотга ўзидан кўра яқинроқ санамас эди. Қай бир одам бирон ҳожати юзасидан у зот билан бирга ўтириб ё туриб сўзлашиб қолса, то у одам ўзи кетмагунича сабр қилиб турардилар. Биров бир нарса сўраса, унга албатта сўраган нарсасини бериб ёки ҳеч бўлмаса, ширин сўз билан қайтарар эдилар. Ҳаммага бирдек бағри кенглик билан муомала қилар, одамларга меҳрибон отага айланиб қолган эдилар. У зотнинг наздларида ҳамма одамлар ҳақ олдида баробар бўлиб, фақат тақволари билангина бир-бирларидан афзал бўла олардилар.

 Мажлислари ҳалимлик, ҳаё, сабр ва омонат мажлиси бўлиб, унда овозлар кўтарилмас, ҳурматлар камситилмас, бир-бирларига тақво билан меҳр кўрсатишар, каттани ҳурмат қилиб, кичикка раҳм қилишар, ҳожатмандга кўмак қўлин чўзишар, ғарибнинг кўнглини овлашар эди.

Очиқ чеҳра, хушфеъл ва хушмуомала эдилар. Қўпол, тошбағир, бақироқ, оғзи шалоқ, таънакор ва маддоҳ эмасдилар. Кўнгиллари истамаган нарсага рағбат билдирмасдилар. Ўзларини уч нарсадан: риёдан, бойликдан ва кераксиз нарсани сўзлашдан ажратган эдилар. Одамларни уч нарсада тарк қилгандилар: бировни мазаммат қилмасдилар, уялтирмасдилар, айбини қидирмасдилар. Фақат савобидан умидвор бўладиган ўринлардагина гапирардилар. Сўзласалар, суҳбатдошлари худди бошларига қуш қўниб тургандек қимирламай қулоқ солишарди, у зот сукут қилиб тургандагина гапиришарди. У зотнинг олдиларида низолашмасдилар, бир киши гапириб бўлгунича бошқалари жим қулоқ солишарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳоблари кулган нарсадан кулардилар, улар ажабланган нарсадан ажабланардилар, бегона одамнинг қўпол гапларига сабр қилардилар. «Ҳожатманд одамнинг бирон нарса сўраб турганини кўрсангиз, унга инъом-эҳсон қилинглар», дердилар, мақтовни фақат яхшиликка жавоб тариқасида бўлишини талаб қилардилар[41].

Хорижа ибн Зайд розияллоҳу анҳу айтади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам виқор билан ўтирардилар, йиғиштириниб ўтирганларидан бирон аъзолари ортиқча чиқиб турмасди. Кўп сукут қилардилар, заруратсиз ўринда сўзламасдилар, ноўрин гапирган одамдан юз ўгирардилар. Кулгилари табассум эди, гаплари дона-дона, ортиқча ҳам, кам ҳам бўлмасди. Асҳоблари ҳам у зот ҳузурларида кулсалар, у зотнинг ҳурматлари учун ва у зотдан ўрнак олиб, фақат табассум қилишарди[42].

Хуллас, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам беназир камолот сифатлари билан безанган зот эдилар. Парвардигорнинг Ўзи у зотга одоб берган ва одобларини чиройли қилган эди. Аллоҳ таоло у зотни мақтаб: «Албатта сиз улуғ Хулқ устидадирсиз» (Қалам: 4) деб марҳамат қилган эди. Мана шу улуғ хислатлар у зотни дилларга яқин ва қалбларга суюмли қилган, кўнгиллар унга қараб талпинадиган йўлбошчига айлантирган эди, қавмларининг душманчилигини юмшатиб, одамларнинг Аллоҳнинг динига тўп-тўп бўлиб киришларига сабаб бўлган эди.

Биз санаб ўтган бу хислатлар у зотнинг олий сифатлари ва камолот кўринишларидан қисқагина сатрлар, холос. Аслида, у зотнинг улуғ хислатлари ва буюк сифатлари моҳияти идрок этиб бўлмас даражада олий ва тубига етиб бўлмас даражада чуқурдир. Парвардигорнинг нури билан зиёланиб, камолотнинг энг олий чўққисига эришган ва хулқи Қуръонга айланган, борлиқдаги энг буюк бу инсоннинг моҳиятини ким ҳам тўла ёритиб бера оларди?!

Эй пок Парвардигор! Иброҳимга ва унинг аҳли оиласига салавоту раҳмат ёғдирганинг каби Муҳаммадга ва унинг аҳли оиласига ҳам салавоту раҳмат ёғдиргин. Албатта Сен мақтовли ва улуғ Зотсан.

Эй пок Парвардигор! Иброҳимга ва унинг аҳли оиласига хайру баракот ато этганингдек Муҳаммадга ва унинг аҳли оиласига ҳам хайру баракот ато этгин. Албатта Сен мақтовли ва улуғ Зотсан.

 

Софийюрраҳмон Муборакпурий

Ал-жомиъатус-салафия, Банорас, Ҳиндистон

Ўзбек тилига таржимаси 14 рамазон 1429-ҳижрий (14.09.2008) ниҳоясига етди.



[1] Зодул маод: 2/54.

[2] Ибн Ҳишом: 1/401, 402, Жомиут Термизий: 4/303.

[3] Жомиут Термизий: 4/303.

[4] Саҳиҳ Муслим: 2/258.

[5] Саҳиҳ Муслим: 2/258.

[6] Саҳиҳул Бухорий: 1/502.

[7] Саҳиҳул Бухорий: 1/502, Саҳиҳ Муслим: 2/259.

[8] Саҳиҳул Бухорий: 1/501, 502.

[9] Саҳиҳул Бухорий: 1/502.

[10] Ҳулла – икки қисмдан: елкага ташланадиган ридо ва белдан пастига ўраладиган изордан иборат кийим (мато).

[11] Саҳиҳул Бухорий: 1/502.

[12] Саҳиҳул Бухорий: 1/503.

[13] Саҳиҳул Бухорий: 1/502, Саҳиҳ Муслим: 2/258.

[14] Саҳиҳул Бухорий: 1/502, Саҳиҳ Муслим: 2/259.

[15] Доримий ривояти, Мишкотул масобийҳ: 2/517.

[16] Термизий (Шамоил: 2-бет) ва Доримий ривоятлари, Мишкотул масобийҳ: 2/518.

[17] Жомиут Термизий: 4/306, Мишкотул масобийҳ: 2/518.

[18] Саҳиҳул Бухорий: 1/502.

[19] Ибн Асокир: Таҳзибу тарихи Димашқ: 1/325.

[20] Хулосатус-сияр: 20-бет.

[21] Хулосатус-сияр: 20-бет.

[22] Мишкотул масобийҳ: 1/22, Имом Термизий ривояти: 2/35.

[23] Жомиут Термизий: 4/306.

[24] Имом Муслим ривояти: 3/1107 (1479-ҳ).

[25] Доримий ривояти, Мишкотул масобийҳ: 2/518.

[26] Хулосатусـсияр: 19, 20-бетлар.

[27] Саҳиҳул Бухорий: 1/503, Саҳиҳ Муслим: 2/257.

[28] Саҳиҳул Бухорий: 1/502.

[29] Саҳиҳ Муслим: 2/256.

[30] Саҳиҳ Муслим: 2/256.

[31] Доримий ривояти, Мишкотул масобийҳ: 2/517.

[32] Саҳиҳ Муслим: 2/259, 260.

[33] Саҳиҳул Бухорий: 1/503.

[34] Саҳиҳул Бухорий: 1/502.

[35] Саҳиҳул Бухорий: 1/502.

[36] Қози Иёз, «Аш-шифо»: 1/89, сиҳоҳ ва сунан асҳобларидан ҳам шу мазмундаги ҳадислар ривоят қилинган.

[37] Саҳиҳ Муслим: 2/252, Саҳиҳул Бухорий: 1/407.

[38] Мишкотул масобийҳ: 2/521.

[39] Мишкотул масобийҳ: 2/520.

[40] Хулосатус-сияр: 22-бет.

[41] Қози Иёз, Аш-шифо: 1/121-126, шунингдек, Термизий, Шамоил.

[42] Қози Иёз, Аш-шифо: 1/107.


Qayd etilgan