Кунлардан бирида мен турмуш ўртоғим билан Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳивасаллам ҳақида суҳбатни бошладик, шу пайт унинг овози қалтираб, деди: - Субҳаналлоҳ… Бугун масжидда биродарим бир ҳикояни айтиб берди… Ўзининг укаси ҳақидаги ҳикоя. Бу биродарим доим саҳобалар, уларнинг иймони, бизга қараганда улар қанчалик юқори мавқеда турганлиги ҳақида гапирар эди, шунда бир куни унинг укаси чидамади-да, норозилик оҳангида деди: “Субҳаналлоҳ, саҳобалар, саҳобалар… Ҳа албатта, аммо биз ҳам Аллоҳ учун ҳаракат қилмоқдамиз-ку, субҳаналлоҳ! Биз ҳам Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз, биз ҳам…” У биродар укаси билан тортишмади, фақат туриб, чиқиб кетди. Бироз вақт ўтиб у укаси билан кўришганда, унда катта ўзгаришлар пайдо бўлганлигини сезди. “Нима бўлди?” деган саволга жавобан у ҳикоясини бошлади: “Ўша куни, сен билан саҳобалар ҳақида мунозара қилганимдан сўнг, кечаси туш кўрдим. Тушимда бир автобус кўрдим, унинг ичида мен саҳобалар билан бирга кетаётган эканман. Биз билан Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бор экан. Биз қандайдир тоғли ҳудудда кетаётган эдик, мен атрофга қараб, автобуснинг ичи ва ундаги йўловчиларни томоша қилар эдим… Улар ҳаммаси бирга эди… Менга жуда яқин… Тўсатдан, автобус бир томонга энгашгандек бўлди ва биз аста-секин пастга, жарлик томонга силжий бошладик. Унчалик тез эмас, ҳар ҳолда ундан тушиб, тўхтатиб қолишга уриниб кўрса бўлар эди. Тош, ҳа тош топиб, ғилдирак остига қўйиш керак, деб ўйлаб, автобусдан ирғиб тушдим. Биронта тош излашга киришдим ва ниҳоят уни топиб, автобус томон югурдим. Шунда мен Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ҳам автобусдан тушиб, уни тўхтатиш учун ўз бошларини (!) ғилдирак остига қўйиб турганларини кўрдим. Улар ўз бошларини қўйиб туришар эди… Мен уйғониб кетдим ва бирон сўз айтишга ожиз эдим. Аллоҳ менга уларнинг мавқеларини ва биз ҳеч қачон Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамда унинг дини учун улар қилганчалик, хизмат қила олмаслигимизни кўрсатиб қўйди. Субҳаналлоҳ…” Ҳикояни тугатиб, турмуш ўртоғим юзини қўллари билан беркитиб олди… Мен ўйладимки, кўпинча биз, ўзимиз ҳам сезмаган ҳолда амалларимиз ва ўзимиз билан мамнун бўлиб қоламиз. Балки биз динимиз учун анча хизмат қилмоқдамиз ёки бошқаларга қараганда, ҳар ҳолда бирон нарса қилмоқдамиз-ку, деб ўйлаймиз. Ўз-ўзидан мамнунлик ўзини алдаш билан бирга келади. Қанча хизмат қилмайлик барибир биз ўшандай тош излаб юрувчилардан бўламиз, ваҳоланки бу вақтда содиқлар ўзларининг жонларини фидо қилади… Ҳақиқий содиқ деб, барибир, қанчалик хизмат қилмасин, ҳатто жонини фидо қилса ҳам, ҳеч нарса қилмадим деб ўйлайдиган шахсга айтилади ва у ҳақ бўлади.
Ушбу ҳикоя интернет тармоғидаги бир муслима синглимизнинг блогидан олинди.
Рус тилидан Абу Абдуллоҳ Муҳожир таржима қилди
Манба: Cодиқлар