Safiyyurrahmon Muborakpuriy. Ar-rahiq al-maxtum  ( 126947 marta o'qilgan) Chop etish

1 2 3 4 B


lolo  22 Noyabr 2009, 05:44:02

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарши тажовузлар

 

Қурайш Ислом даъвати майдонга чиққанидан бери ўзи улуғ санаб ва эҳтиром қилиб келган одобу андишаларнинг ҳаммасини бир чеккага суриб қўйиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарши ўзининг тажовузкорона ҳаракатларини бошлади. Албатта бу разилликнинг бошида ҳам Абу Лаҳаб турарди. Аслида Абу Лаҳаб ҳали Қурайш бундай қарорга келишидан анча илгари ўз «фаолият»ини бошлаган эди. Биз унинг Бану Ҳошим йиғинида ва Сафо тоғида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қандай муносабатда бўлганини юқорида айтиб ўтдик. Бир ривоятда Сафо тоғида Абу Лаҳабнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни уриш учун қўлига тош олганлиги нақл қилинган.

Абу Лаҳаб Утба ва Утайба исмли икки ўғлини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг икки қизи - Руқайя ва Умми Кулсумга уйлантирган эди. Рисолатдан кейин Абу Лаҳаб ўғилларидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизларини талоқ қилишни қаттиқ туриб талаб қилди. Утба ва Утайба Руқайя ва Умми Кулсумнинг жавобини берди[1].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг иккинчи ўғиллари Абдуллоҳ вафот этганида Абу Лаҳаб қувончга тўлиб, ўз ҳамтовоқларидан «Муҳаммад абтар-насли давом этмайдиган бўлди!» деб суюнчи олиш учун югурганди[2].

Абу Лаҳаб ҳаж мавсумида ва бозорларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ортларидан изма-из юриб у кишини нафақат ёлғончига чиқарарди, балки Ториқ ибн Абдуллоҳ Муҳорибий ривоят қилишича, тош отиб Пайғамбаримизнинг товонларини қонга бўярди[3].

Абу Лаҳабнинг хотини – Абу Суфён ибн Ҳарбнинг синглиси Умму Жамил Арво бинти Ҳарб ибн Умайя – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга душманлик қилишда эридан қолишмасди. У кечаси тикан ташиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларига ва эшикларининг олдига сочиб кетарди. Умму Жамил тили ёмон хотин бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга турли бўҳтон ва туҳматларни тўқир, фитна оловига мой сепиб, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарши имкони борича одамларни қайрарди. Шунинг учун ҳам Қуръони Каримда бу аёл «حمالة الحطب», яъни «тинмай ўтин орқалайдиган аёл» деб таърифланди. Умму Жамил ўзи ва эри ҳақида нозил бўлган илоҳий оятларни эшитгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни излаб келди. Пайғамбаримиз Масжидул Ҳаромда Абу Бакр билан ўтирган эдилар. Қўлини тошга тўлдириб олган Умму Жамил у иккисининг олдига келиб тўхтади. Аллоҳ таоло унинг кўзини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрмайдиган қилиб қўйди. Мушрика аёл фақат Абу Бакр розияллоҳу анҳунигина кўрарди.

- Эй Абу Бакр, соҳибинг қани? Эшитишимча, у мени ҳажв қилибди. Аллоҳга қасамки, агар уни топсам, оғзига мана шу тош билан ураман. Мен ҳам шоираман, - деди-да, Умму Жамил қуйидаги мазмунда шеър ўқиди:

Музаммамга осий бўлдик,

Унинг ишин инкор қилдик,

Динини ҳам ёмон кўрдик.

Сўнг Умму Жамил кетди. «Ё Расулуллоҳ - деб сўради Абу Бакр, - у сизни кўриб турувди-ку?

- У мени кўрмади, - дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам - Аллоҳ унинг кўзини мендан тўсди[4].

Абу Бакр ал-Баззор ривоятида мазкур қисса қуйидагича берилган:

- Эй Абу Бакр, соҳибинг мени ҳажв қилибди, - деди Умму Жамил.

 - Асло ундай эмас! Мана шу уйнинг Эгасига қасамки, у шеър тўқимайди, шеър ўқимайди.

- Сен ростгўй одамсан, - деди Умму Жамил[5].

Абу Лаҳаб расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амакиси ва ён қўшниси бўла туриб худди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бошқа қўшнилари каби у кишига уйларида турган ҳолларида озор берарди.

Ибн Исҳоқ ёзади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ўз уйларида ҳам озор берувчилар - у кишининг қўшнилари бўлган Абу Лаҳаб, Ҳакам ибн Абул Ос ибн Умайя, Уқба ибн Аби Муийт, Адий ибн Ҳамро Сақафий ва Ибнул Асдо Ҳузалийлар эди. Улардан фақатгина бир нафари - Ҳакам ибн Абул Ос кейинчалик Исломни қабул қилди[6]. Бу кимсаларнинг бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқиётганларида у кишининг устиларига қўйнинг бачадонини олиб келиб ташласа, бошқаси Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун осилган қозонга уни ташлаб кетарди. Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқиётганларида улардан сақланиш учун тўсиқ қилиб оладиган бўлдилар. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг устларига қўйнинг бачадонини ташлаб кетишса, уни бир чўпга илиб олиб чиқардилар-да, эшикларининг ёнида туриб: «Эй Бану Абду Маноф, бу қандай қўшничилик бўлди?!» дердилар. Сўнг уни бир четга ташлаб юборардилар[7].

Айниқса Уқба ибн Аби Муийт ўзининг бадбахт ва ярамаслиги билан ажралиб турарди. Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Каъбада намоз ўқиётганларида Абу Жаҳл ва унинг ҳамтовоқлари ҳам шу ерда ўтирганди. Улар: «Қай бирингиз фалончи сўйган туянинг қоғоноқини[8] олиб келиб Муҳаммад сажда қилганда унинг устига ташлайди?» - дейишди бир-бирига. Шунда қавмнинг энг бадбахти - Уқба ибн Аби Муийт ўрнидан қўзғалиб, ўша нарсани олиб келди ва кутиб турди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сажда қилганларида уни икки елкалари ўртасига ташлади. Мен ҳаммасини кўриб турсам-да, ҳеч нарса қилолмасдим. Қанийди, менинг ҳимоям бўлганида! Улар бундан роҳатланиб кулганларидан бир-бирларига суяниб қолишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳамон сажда қилиб турардилар. Фотима келиб елкаларидан ўша нопокликни олиб ташлагунга қадар саждадан бош кўтармадилар. Сўнг бошларини кўтардилар.

- Эй Аллоҳим, Қурайшнинг жазосини Ўзинг бергин! - деб уч марта дуоибад қилдилар. Бу уларга оғир келди. Чунки улар бу шаҳарда қилинган дуо ижобат бўлади, деб билишарди.

 Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Эй Аллоҳим, Абу Жаҳлни, Утба ибн Рабиани, Шайба ибн Рабиани, Валид ибн Утбани, Умайя ибн Халафни, Уқба ибн Аби Муийтни Ўзинг жазолагин!», деб номма-ном санадилар - Еттинчисининг исмини ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам санаганлар, лекин саҳобий уни эслай олмади - Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам номма-ном санаган кишиларнинг жасадини Бадр чоҳига ташланганини аниқ кўрдим.»[9]

Умайя ибн Халаф Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрганида ҳақоратлаб, айбларди. Қуйидаги оятлар унинг ҳақида нозил бўлди: «Барча (кишиларга дилозорлик қилиб, уларнинг обрўларини тўкиб юрадиган) бўҳтончи-ғийбатчига ҳалокат бўлгай». («Ҳумаза»-1).

Ибн Ҳишом ёзади: Ҳумаза - кишини ошкора ҳақорат қилиб, кўзларини қисиб, ғамза-ишоралар қилувчи кимса. Лумаза эса одамларга орқаваротдан айблаб, озор берувчи кимса[10].

Умайя ибн Халафнинг укаси Убай ибн Халаф Уқба ибн Аби Муийт билан қалин дўст эди. Бир сафар Уқба Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ўтириб, у кишини тинглаганида, бундан хабар топган Убай Уқбани қаттиқ койиди ва ундан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юзларига туфлашни талаб қилди. Уқба унинг талабини адо этди. Убай ибн Халафнинг ўзи эса чириган суякни майдалаб, сўнг уни шамолда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам томон учирди[11].

Ахнас ибн Шариқ Сақафий ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга ёмонлик қилувчилар сафида эди. Қуръони Карим уни тўққизта сифат билан сифатлади. Бу сифатлар унинг қандай ярамас кимса бўлганлигини кўрсатиб туради: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), яна Сиз ҳар бир тубан, қасамхўр, ғийбатчи-ю, гап ташувчи, яхшиликни ман қилувчи-бахил, тажовузкор, гуноҳга ботган, қўпол ва булардан ташқари бенасаб-ҳароми кимсага итоат этманг!» (Қалам-10-13).

Баъзида Абу Жаҳл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб, Қуръон эшитарди. Сўнг иймон келтирмасдан, итоат қилмасдан, одоб олмасдан, Аллоҳдан қўрқмасдан кетарди-да, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга тили билан озор бериб, Аллоҳ йўлига тўсқинлик қилиб, боз устига гўё зўр иш қилган кишидек ана шу қилмишидан ғурурланиб, қўл урган гуноҳидан фахрланиб юрарди. Қуйидаги оятлар унинг хусусида нозил бўлди: «На (Қуръон ва Пайғамбарни) тасдиқ этди ва на намоз ўқиди! Балки у (Қуръонни) ёлғон деди ва (иймондан) юз ўгирди! Сўнгра (мана шу қилмишларидан уялиш ўрнига) гердайганича ўз аҳли томон кетди!...» (Қиёмат-31-33).

Абу Жаҳл Ҳарамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намоз ўқиётганини кўрган илк кунлариданоқ у зотни намоздан қайтармоқчи бўларди. Бир сафар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мақоми Иброҳимда намоз ўқиб турганларида Абу Жаҳл «Эй Муҳаммад, сени бундан қайтармаганмидим?!» деб таҳдидлар қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга қаттиқ гапириб уришиб бердилар.

- Эй Муҳаммад, нимангга ишониб менга таҳдид қилаяпсан? Аллоҳга қасамки, мен шу водийнинг энг ёрдамчиси-жамоаси кўп кишиси бўламан - деди. Шунда Аллоҳ таоло қуйидаги оятни нозил этди: «Бас, у ўзининг жамоасини (ёрдамга) чақираверсин! Биз эса азоб фаришталарини чақиражакмиз!» (Алақ-17).

Яна бир ривоятда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Жаҳлнинг бўйнидан ушлаб, силкитиб шундай деганлар: «Ўлим бўлсин сенга, ўлим! Сўнгра яна ўлим бўлсин, ўлим!» (Қиёмат-34,35).

Шунда Аллоҳ душмани деди: «Эй Муҳаммад, менга таҳдид қилаяпсанми? Аллоҳга қасамки, сенинг ҳам, Робингнинг ҳам қўлидан ҳеч нарса келмайди. Ахир мен Макканинг икки тоғи ўртасида юрган кишиларнинг энг қудратлиси бўламан.»[12]

Ана шу қайтариқдан кейин ҳам Абу Жаҳл эсини йиғиб олмади. Аксинча, унинг бадбахтлиги яна ҳам зиёда бўлди. Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Абу Жаҳл: - Муҳаммад сизларнинг олдингизда ҳам юзини тупроққа белайдими? - деб сўради.

- Ҳа! - дейишди.

- Лот ва Уззога қасамки, агар уни кўрсам бўйнидан босиб, юзини ерга ишқайман! - деди Абу Жаҳл. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқиётганларида у кишининг бўйинларини оёғи билан босиш учун келди. Бирдан орқасига тисланиб, қўллари билан ўзини ҳимоя қилди.

- Сенга нима бўлди, Эй Абул Ҳакам! - сўрашди мушриклар.

- У билан менинг ўртамда оловли чоҳ ва даҳшатли қанотлар (пайдо бўлди)! - деди Абу Жаҳл.

- Агар менга яқинлашганида, - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам - фаришталар уни бўлак-бўлак қилиб ташларди.»[13]

Бу айтиб ўтилганлар ўзларини Аллоҳнинг хос бандалари ва Унинг Ҳарами аҳли ҳисобловчи золим мушриклар тарафидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва мусулмонлар устига ёғдирилган азобу уқубатларнинг кичик бир парчаси эди.

Тўхтовсиз давом этаётган ана шундай тазйиқлар мусулмонларни бошларига ёпирилиб келаётган бу балодан қутқариб қолиш ва имкон қадар унинг босимини камайтириш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қатъий чоралар ихтиёр қилишларига сабаб бўлди. У зот даъватни ўз йўлида давом этишига катта таъсир кўрсатган иккита ҳикматли режани қабул қилдилар:

1) Арқам ибн Абу Арқам ал-Махзумийнинг ҳовлисини даъватнинг маркази ва тарбия ўчоғи қилиб танладилар;

2) Мусулмонларни Ҳабашистонга ҳижрат қилишга буюрдилар.

 

Арқам ҳовлиси

 

Мазкур ҳовли Сафо тоғи этагида жойлашган бўлиб, ёмонларнинг назаридан четда эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни мусулмонлар билан яширинча учрашув жойи қилиб танладилар. У зот бу ерда мусулмонларга Аллоҳнинг оятларини ўқиб берар, уларни тарбиялар, Қуръону Суннатни ўргатар, мусулмонлар у ерда ибодатларини адо этишар, Аллоҳ пайғамбарига нозил қилган ваҳийни у зотдан хотиржам ва хавф-хатардан холи қабул қилиб олишар, Исломни қабул қилишни истаганлар золимларга билдирмай, шу ерга келиб қабул қилишар эди.

Шубҳасиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга Исломни ошкор қилмасликни буюришлари ва улар билан фақат яширинча учрашишлари айни ҳикмат эди. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мўминлар билан ошкора учрашсалар, мушриклар албатта у кишининг кўзлаган мақсадларига - мўминларни поклаш, уларга Қуръон ва суннат таълимини бериш ишларига тўсқинлик қилган бўлишарди. Эҳтимол бу икки томоннинг тўқнашувига ҳам олиб келиши мумкин эди. Ҳатто худди шундай бир иш бўлиб ҳам ўтди: Саҳобалар тоғ этакларида тўпланиб, яширинча намоз ўқишарди. Қурайш кофирларининг бир нечтаси уларни кўриб қолиб, ҳақоратлар қилди ва уришди. Шунда Саъд ибн Аби Ваққос розияллоҳу анҳу бир мушрикни уриб, қонига бўяди. Бу Ислом йўлида тўкилган биринчи қон эди[14].

Маълумки, бу хил тўқнашувларнинг такрорланиши мусулмонларнинг мағлубияти ва ҳалокатига олиб борарди. Бинобарин, ҳикмат тақозоси билан даъват махфий тутиларди. Саҳобаларнинг аксарияти ўзларининг Исломларини, ибодатларини, даъватларини ва йиғилиб туришларини яширишарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса мушрикларнинг орасида даъватларини ва ибодатларини ошкора қилардилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни Аллоҳ йўлидан ҳеч нарса тўса олмасди. Бироқ Пайғамбаримиз саҳобалар ва Исломнинг фойдасини ўйлаб, мусулмонлар билан яширинча учрашардилар.

 

Ҳабашистонга қилинган биринчи ҳижрат

 

Нубувватнинг тўртинчи йили ўрталарида ёхуд охирларида заиф тарзда бошланган тазйиқлар кундан-кунга кучайиб бориб, бешинчи йилнинг ўрталарига келиб бағоят қаттиқлашди. Ҳатто мусулмонлар учун Маккада яшаш имконсиз бўлиб қолди ва саҳобалар бундай аламли азобдан қутилиш чорасини излай бошладилар. Ана шу оғир кунларда ҳижрат йўлини тутишга ишора қилиб, Аллоҳнинг ери кенг эканини эълон қилиб, «Зумар» сураси нозил бўлди: «Бу дунёда чиройли амал қилган зотлар учун (Охиратда) чиройли (оқибат-жаннат) бордир. Аллоҳнинг ери кенгдир. Ҳеч шак-шубҳа йўқки, сабр-тоқат қилувчиларга ажр-мукофотлари ҳисоб-китобсиз тўла-тўкис қилиб берилур.» (Зумар-10).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳабаш шоҳи Асҳама Нажошийнинг одил подшоҳ эканини ва унинг юртида бировга зулм қилинмаслигини билардилар. Шу боис асҳобларига динларини фитнадан сақлаш учун Ҳабашистонга ҳижрат қилишни буюрдилар[15].

Нубувватнинг бешинчи йили ражаб ойида саҳобаларнинг биринчи гуруҳи ҳижрат йўлига чиқди. Ўн икки эркак ва тўрт аёлдан иборат бу гуруҳнинг раиси Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу бўлиб, у билан бирга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизлари саййида Руқайя ҳам бор эди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Усмон билан Руқайя ҳақида шундай дедилар: «Бу иккиси Иброҳим ва Лут алайҳимас-саломдан кейин Аллоҳ йўлида ҳижрат қилган биринчи оиладир.»[16]

Муҳожирлар Қурайш сезиб қолмаслиги учун тун қоронғусида Маккадан пинҳона чиқиб, денгиз томон - кемалар лангар ташлайдиган қирғоқ томон шошилишди. Уларга икки тижорат кемасига ўтириш насиб қилган экан. Кемалар муҳожир мўминларни Ҳабаш юртига йўл олди. Воқеадан хабар топган Қурайш мушриклари ортларидан қувиб келганида улар эсон-омон қирғоқдан жўнаб кетган эдилар. Мусулмонлар Ҳабашистонда Нажошийнинг яхши ҳимояси остида яшадилар[17].

 

Мушрикларнинг мусулмонлар билан бирга сажда қилишлари ва муҳожирларнинг қайтиши

 

Шу йилнинг Рамазон ойида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳарамга чиқдилар. У ерда Қурайшнинг кўп кишилари ўтирган бўлиб, улар орасида қавмнинг улуғлари ва оқсоқоллари ҳам бор эди. Баногоҳ, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг олдига келиб «Ван-нажм» сурасини тиловат қила бошладилар. Бу бадбахтлар шу пайтга қадар Аллоҳ каломини эшитишмаган эди. Чунки уларнинг бир-бирларига тайинлаб айтадиган услублари қуйидагича бўлганди: «Кофир бўлган кимсалар (бир-бирларига «Муҳаммад тиловат қилаётган вақтда) сизлар бу Қуръонга қулоқ солманглар ва (уни ўзгаларга ҳам эшиттирмаслик учун оғзингизга келган гапни) жаврайверинглар (шунда) шояд ғолиб бўлсангизлар», деди. (Фуссилат-26).

Ана шунда - Қуръоннинг таърифига тил ожиз бўлган мафтункор, ажиб оятлари мушрикларнинг қулоқларини ёриб кирганда, Илоҳий Калом Аллоҳнинг чин Пайғамбари томонидан тиловат қилинаётганида мушриклар ўзларини унутиб, жим қулоқ солиб қолишди. Уларнинг хаёлига бошқа ҳеч нарса келмасди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сура охирларидаги қалбларни титроққа соладиган қаттиқ-қаттиқ оятларни тиловат қилиб, сўнг «Бас, сизлар ёлғиз Аллоҳга сажда ва ибодат қилинглар» (Ван-нажм-53) дея саждага бош қўйганларида, мушрикларнинг биронтаси ўзини саждадан тўхтатиб қололмади. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қўшилиб саждага бош қўйишди. Ҳақиқатан, кибр ва истеҳзо қилувчи мутакаббир мушрикларнинг саркашлигини Илоҳий Каломнинг илоҳий босими парчалаб ташлаган эди. Шу боис, улар Аллоҳга сажда қилиб йиқилишдан ўзларини тўхтата олмадилар[18].

Аллоҳ Каломининг жалолати қаршисида ўзларини йўқотиб қўйиб, шу пайтгача ўзлари уни йўқотиш ва ўчириб ташлашга бор кучларини сарфлаб келган ишни қилиб қўйганларини сезиб қолишгач, талмовсираб, нима қилишларини билмай қолишди. Ушбу воқеада иштирок этмаган мушриклар Аллоҳга сажда қилган қавмдошларини қаттиқ маломат қилганларида эса улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шаънларига туҳмат тўқишди. Яъни, Муҳаммад бизнинг санамларимизни яхши сўз билан тилга олди, «Булар олий санамлардир ва уларнинг шафоатига кўз тикилади!» деб айтди, қабилида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга туҳмат қилиб, ўзларининг У Зотга қўшилиб саждага бош қўйганларини бошқа мушриклар олдида оқламоқчи бўлишди. Аслида, касби ёлғончилик бўлган, иғво ва туҳмат қилишга меҳр қўйган мушриклардан бундан ўзга нарса кутилмасди ҳам.

Бу хабар Ҳабашистон муҳожирларига ҳам етиб борди. Бироқ тамомила ўзгариб, яъни, Қурайш Исломни қабул қилибди, деб етиб борди. Муҳожирлар шу йилнинг ўзида Шаввол ойида юртларига қайтишди. Фақат Маккага жуда яқин қолгандагина ҳақиқий аҳволдан бохабар бўлишди. Кимлардир яна Ҳабашистонга қайтиб кетди. Қолмоқчи бўлганлар эса Маккага яширинча ёхуд қурайшлик бирон кишининг ҳимояси остида киришди[19].

Кейин Ҳабашистондан қайтиб келганларга ҳам, бошқа мусулмонларга ҳам Қурайшнинг зулми ва тазйиқи янада кучайди. Иймон келтирганларни ўз қариндошлари ўртага олишди. Нажошийнинг мусулмонларга яхши муносабатда бўлаётгани Қурайшга жуда алам қилганди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларига яна Ҳабашистон ҳижратини тавсия қилишга мажбур бўлдилар.

 

Ҳабашистонга қилинган иккинчи ҳижрат

 

Мусулмонлар иккинчи бор, бу сафар кенгроқ кўламда ҳижратга ҳозирланишди. Лекин бу сафарги ҳижрат аввалгисидан оғирроқ бўлди. Чунки мусулмонларнинг ҳижрат қилишидан хабар топиб қолган Қурайш имкон қадар уларни ушлаб қолишга уринарди. Бироқ мўминлар мушриклардан эпчиллик қилишди. Аллоҳ таоло мусулмонларнинг сафарини Ўзи осон қилди. Саҳобалар Қурайш етиб келмай туриб Нажошийнинг юртига бориб олишди. Ушбу ҳижратда муҳожирларнинг сони Аммор розияллоҳу анҳуни ҳам қўшиб ҳисоблаганда - унинг ушбу ҳижратда қатнашганлиги ихтилофли - саксон уч эркак ва ўн саккиз ёки ўн тўққиз аёл эди[20].

 

Қурайшнинг Ҳабашистон муҳожирларига қарши макр қилиши

 

Муҳожирларнинг ўз жонлари ва динлари учун омонлик ери топгани мушрикларга сира тинчлик бермасди. Шунинг учун улар икки қаттиқ ва ичидан пишган кишини - Амр ибн Ос ва Абдуллоҳ ибн Аби Рабиъани (улар ҳали Исломни қабул қилмаган эдилар) танлаб олиб, Нажоший ва унинг арбобларига аталган қимматбаҳо совғалар билан Ҳабашистонга жўнатишди. Қурайш элчилари аввало Нажошийнинг аъёнлари билан учрашиб, уларга совға-саломлар топшириб, уларни мусулмонларга қарши далил-у, ҳужжатлар билан «қуроллантириб», улардан «Нажошийга мусулмонларни қувиб юбор деб маслаҳат берамиз» деган ваъдани олиб, Нажошийнинг ҳузурига киришди. Шоҳга ҳам қимматбаҳо совға-саломлар топшириб, сўнг муддаога кўчишди:

- Эй подшоҳ, - дейишди улар, - бир гуруҳ нодон ёшлар сизнинг юртингизга қочиб келибди. Улар ўз қавмларининг динини тарк қилишган, сизнинг динингизга ҳам кирганлари йўқ. Улар ўзларича бир дин ўйлаб топишганки, бу динни на биз ва на сиз биласиз. Хуллас, қавмнинг улуғлари - ўшаларнинг оталари, амакилари ва қариндош-уруғлари уларни қайтариб юборишингизни сўраб, бизни ҳузурингизга жўнатишди. Албатта, улар бу нодонларни яхшироқ билади, уларнинг айби нима ва нима учун маломатга қолганлар, барчаси қавмнинг улуғларига яхшироқ аён.

-Бу иккиси тўғри гапираяпти, эй шоҳ! - деб маъқуллашга тушди аъёнлар. - Уларни мана шу кишиларга топширинг, ўз қавмлари ва юртларига олиб кетишсин.

Лекин Нажоший масалани атрофлича ўрганиб чиқишга ва ҳар иккала томонни эшитишга қарор қилди. У муҳожирларни ҳузурига чорлаб чопар жўнатди. Мусулмонлар етиб келишди. Улар нима бўлса ҳам фақат ҳақиқатни сўзлашга келишиб олишганди.

- Қавмингизнинг динини тарк этиб, на менинг ва на бошқа бирон миллатнинг динига кирмаслигингизга сабаб бўлган сизларнинг динингиз нима ўзи? - деб сўради Нажоший саҳобалардан.

Мусулмонлар номидан уларнинг хатиби Жаъфар ибн Аби Толиб жавоб берди:

 - Эй подшоҳ, биз жоҳилият аҳли бўлган қавм эдик. Бут-санамларга ибодат қилардик, ўлимтик ердик, бузуқликлар қилардик, қариндош-уруғчиликни узардик, ёмон қўшничилик қилардик, кучлиларимиз заифларимизни ерди. Ана шундай ҳолатда эканимизда Аллоҳ таоло бизга ўз ичимиздан Пайғамбар юборди. Унинг насл-насабини, ростгўйлигини, омонатдорлигини ва покизалигини яхши биламиз. Пайғамбар бизни Аллоҳга - Уни Бир деб билишга, Унга ибодат қилишга, биз ва ота-боболаримиз сиғинадиган тошлар ва бутларни тарк қилишга чақирди. Бизни ростгўйликка, омонатни адо қилишга, силаи раҳмга, яхши қўшничилик қилишга, тақиқланган ишлардан ва қон тўкишдан тийилишга буюриб, бузуқликлардан, ёлғон сўздан, етимнинг молини ейишдан ва покиза аёлларга туҳмат қилишдан қайтарди. Ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишни ва Унга ҳеч нарсани шерик этмасликни буюрди. Намозга, закотга ва рўзага буюрди. - Жаъфар розияллоҳу анҳу бир қанча Ислом амалларини санаб ўтди. - Биз уни тасдиқладик, унга иймон келтирдик ва У олиб келган Аллоҳнинг динига эргашдик. Ёлғиз Аллоҳга ибодат қилдик, Унга ҳеч нарсани шерик қилмадик. Аллоҳ бизга ҳаром қилган ишларни ҳаром, ҳалол қилган ишларни ҳалол деб билдик. Ана шунда қавмимиз бизга ташланди. Бизни Аллоҳ таолонинг ибодатидан бутларнинг ибодатига қайтариш учун, илгари қилиб юрган нопок ишларни яна қилишимиз учун қийноққа солиб, динимиздан фитналадилар. Бизга қаҳр, зулм ва тазйиқ ўтказиб динимиздан тўсмоқчи бўлганларида сизнинг юртингизга қочиб чиқдик. Ўзгалардан сизни афзал кўриб ҳимоянгизда яшашга рағбат билдирдик ва умид қилдикки, сизнинг олдингизда зулм кўрмаймиз, эй подшоҳ.

- Пайғамбарингиз Аллоҳдан олиб келган нарсадан (яъни, Қуръондан) бирон нарсани биласизми? - сўради Нажоший.

- Ҳа, - деди Жаъфар розияллоҳу анҳу

- Уни менга ўқиб беринг-чи?!

Жаъфар розияллоҳу анҳу «Марям» сурасидан ўқиди. Аллоҳгу қасамки, Нажоший йиғларди. Кўз ёшларидан соқоллари ҳўл бўлиб кетди. Унинг усқуфлари (яъни, диний арбоблари) ҳам йиғлашди. Тиловат қилинаётган оятларни эшитиб, кўз ёшлари билан олдидаги китобларини ҳўл қилиб юборишди.

- Бу (Қуръон) билан Ийсо олиб келган нарса бир манбадан чиққан. Сиз иккингиз эса кетинглар. Аллоҳга қасамки, бу кишиларни сизларга топширмайман, уларга ёмонлик қилинмайди, - деди Нажоший.

Қурайш элчилари Нажошийнинг ҳузуридан чиқишганида Амр ибн Ос Абдуллоҳ ибн Аби Рабиъага шундай деди:

- Аллоҳга қасамки, эртага мен уларнинг томирларини суғириб ташлайдиган бир гапни айтаман.

- Қўй, унақа қилма, - деди Абдуллоҳ, - Улар бизга қарши чиққан бўлсалар ҳам, барибир қариндошларимиз-ку.

Бироқ Амр ибн Ос ўз фикридан қайтмади. Эртаси куни Нажошийнинг ҳузурига кириб деди:

- Эй подшоҳ, улар Ийсо ибн Марям ҳақида жуда ёмон гап айтишади.

Нажоший мусулмонларнинг Масиҳ ҳақида нима дейишларини билиш учун уларга одам жўнатди. Муҳожирлар қўрқиб кетишди. Сўнг нима бўлса ҳам ростини айтишга қарор қилиб, Нажошийнинг ҳузурига киришди. Нажошийнинг саволига Жаъфар розияллоҳу анҳу қуйидагича жавоб берди:

- Биз Ийсо ҳақида Пайғамбаримиз айтганларини айтамиз: Ийсо Аллоҳнинг қули, расули, руҳи ва бокира Марямга туширган калимасидир!

Шунда Нажоший ердан бир чўпни олиб деди:

- Аллоҳга қасамки, Ийсо ибн Марям сен айтган сўзлардан мана шу чўпчалик ҳам ташқарига чиқмайди.

Буни эшитган сарой аъёнлари ғала-ғовур кўтариб юборишди.

- Ҳа, Аллоҳга қасамки, сизлар ғала-ғовур қилсангиз ҳам барибир шундай! - деди Нажоший ва мусулмонларга юзланди, - Бораверинглар, сизлар менинг еримда меҳмондирсизлар. Сизларни ҳақорат қилган кимса жазога тортилади, сизларни ҳақорат қилган кимса жазога тортилади, сизларни ҳақорат қилган кимса жазога тортилади. Сизлардан бирон кишига озор бериш бадалига ҳатто олтин тоғи берилишини ҳам истамайман.

Сўнг ходимларига деди:

- Бу иккисининг ҳадяларини ўзларига қайтариб беринглар. Уларнинг менга кераги йўқ. Аллоҳга қасамки, Аллоҳ менга мулкимни қайтариб берганида мендан пора олмаганки, мен энди Унинг йўлида пора олсам. Аллоҳ менинг хусусимда одамларга итоат қилмадики, мен энди Унинг хусусида одамларга итоат қилсам!

Умму Салама розияллоҳу анҳо мазкур қиссани ривоят қилиб, айтади: «Қурайш элчилари келтирган ҳадялари ўзларига қайтарилиб, хор бўлиб чиқиб кетишди. Биз эса Нажошийнинг юртида - яхши жойда яхши қўшни билан яшаб қолдик[21].

Бу Ибн Исҳоқнинг ривояти. Бошқа манбаларда Амр ибн Оснинг Нажоший ҳузурига жўнатилиши Бадрдан кейин бўлгани айтилган. Баъзилар Қурайш Нажоший ҳузурига икки марта элчи жўнатган, деб мазкур ривоятлар ўртасини жамламоқчи бўлишди. Бироқ Нажоший ва Жаъфар розияллоҳу анҳу ўртасида кечган савол-жавоблар уларнинг ривоятида ҳам, Ибн Исҳоқ ривоятида ҳам бир хил. Боз устига ривоятдаги савол-жавоблардан бу Нажоший билан қилинган биринчи мусоҳаба экани кўриниб турибди.

 

Азобни кучайтириш ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни йўқ қилишга уриниш

 

Қурайшнинг макр-ҳийласи иш бермагач ва муҳожирларни ортга қайтариш режаси барбод бўлгач, ғазабдан ёниб кетай дейишди, янада ваҳшийлашиб, бутун ғазабларини қолган мусулмонларга соча бошлашди. Энди улар фақат ўз ҳудудларидагина тазйиқ ва таъқибларини ўтказа олардилар.

Маккада қолган мусулмонлар нисбатан озчилик бўлиб, айримлари шарафли кишилар бўлса, айримлари кимнингдир ҳимояси остига кирган, бунинг устига исломларини яширишга ва золимлар кўзига имкон қадар кўринмасликка мажбур бўлишар, шу ҳолда ҳам озор ва жавру зулмдан тўла саломат эмасдилар.

Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам золимларнинг кўзида очиқ-ошкор намозларини ўқир, яширину ошкор даъватларида давом этар, у зотни бундан ҳеч ким ва ҳеч нарса тўса олмас эди. Зеро, Аллоҳ таолонинг: «Сиз ўзингизга буюрилган ишни (яъни, ҳақ динга даъват қилишни) ошкор қилинг ва мушриклардан юз ўгиринг!» (Ҳижр - 94) ояти нозил бўлганидан бошлаб, ҳар қандай ҳолат ва шароитда ҳам рисолатни етказиш у зотнинг вазифаларига айланган эди. Шу боис мушриклар истаган пайтларида у зотга суиқасд қилиш имконига эга бўлишса-да, уларни бу жирканч истакларидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳайбатлари ва у кишининг Абу Толибдек шарафли кишининг ҳимоясида эканликлари тўсиб турарди. Яна улар бундай ёвузликка қўл ургудай бўлишса, оқибати ўзлари учун яхши бўлмаслигини, Бану Ҳошим уруғи уларга қарши жамланиши мумкинлигини ҳам ҳисобдан қочиришмасди. Бироқ, бора-бора уларнинг сабр косалари тўлиб, бу нарсалар ҳам кўзларига кўринмай қолди

Бинобарин, уларнинг ёвуз қалбларида янги бир ёвуз истак туғилди. Қурайш бу «мусибат»дан қутилишнинг ягона йўли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни даъватдан буткул тўхтатиш ёки уни йўқ қилиш деган фикрга келди.

Ҳадис ва сийрат китобларида келтирилган ривоятлар ўша кунларга тааллуқли айрим ҳодисалардан хабар беради:

Абу Лаҳабнинг ўғли Утайба бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: «Мен «Ботиб кетаётган юлдузга..» ҳам (Ван-нажм-1), «Сўнгра яқинлашиб пастлади» (Ван-нажм-8) деганига ҳам куфр келтираман» деди-да, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга ташланди. У Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг либосларини йиртиб ташлади, юзларига қараб туфлади. Бироқ унинг туфлагани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга етиб бормади. Шунда Пайғамбаримиз «Эй Аллоҳим, унга итларингдан бирини жўнатгин», деб дуоибад қилдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дуолари ижобат бўлди. Утайба Қурайш кишилари билан сафарга чиқиб Шомнинг Зарқоъ деган ерига қўнганда, тунда уларнинг атрофида бир шер пайдо бўлди.

- Шўрим қурсин, Аллоҳга қасамки, бу шер Муҳаммад дуоибад қилганидек мени егани келди. Муҳаммад Маккада туриб Шомда турган мени ўлдирди.

Ҳамроҳлари уни ўртага олиб ётишди, бироқ шер қавм орасидан унга ташланиб, бўғизлаб ташлади[22].

Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга қилинган зулмларнинг яна бири қуйидагича бўлди: Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам сажда қилганларида Уқба ибн Аби Муийт у зотнинг муборак бўйниларидан босиб турди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўзлари косасидан чиқиб кетай деди[23].

Қурайш тоғутларининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга суиқасд қилиш ҳақидаги ниятлари тобора етилиб келарди. Ибн Исҳоқ Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Мушриклар Ҳижрда тўпланганларида мен ҳам бор эдим. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида гапириб шундай дейишди: «Биз ҳеч бир ишга бу кимсанинг ишига сабр қилгандек сабр қилмаган эдик. Дарҳақиқат, унинг жуда ёмон ишига сабр қилдик.» Шу пайт Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўриндилар. У зот келиб рукнни истилом қил (сила) дилар-да, Каъбани тавоф этар эканлар, мушрикларнинг ёнидан ҳам ўтдилар. Мушриклар нимадир деб у киши ҳақида ёмон гапиришди. Мен буни (яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мушрикларнинг қилиғидан норози бўлганликларини) у кишининг юзларида кўрдим. Мушрикларнинг ёнидан иккинчи марта ўтганларида улар яна пичинг отишди. Мен буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юзларида кўрдим. Учинчи марта ўтганларида ҳам улар пичинг қилишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тўхтаб дедилар: «Эшитаяпсизларми, эй Қурайш жамоаси! Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, мен сизларга бўғизланиш (ўлим) олиб келдим.» Мушриклар гап-сўзни тўхтатишди. Уларнинг ҳар бири худди бошига қуш қўнгандай жим бўлиб қолди. Ҳатто энг ашаддийлари ҳам яхши гаплар билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни хотиржам қилишга тушишди: «Боравер, эй Абул Қосим, Аллоҳга қасамки, сен жоҳил кимса эмассан-ку?!» Эртаси куни мушриклар йиғилиб яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида гаплашиб ўтирганларида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўриндилар. Мушриклар худди бир кишидек Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ташланиб, У Зотни ўраб олишди. Бир мушрикнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёқаларидан ушлаб олганини кўрдим. Абу Бакр ўртага тушди. У «Роббим Аллоҳ дегани учун бир кишини ўлдирасизларми?» деб йиғларди. Кейин мушриклар тарқалдилар. Бу мен кўрган Қурайшнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга етказган энг қаттиқ озори эди.»[24]

Бухорий Урва ибн Зубайрдан ривоят қилади: «Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осдан сўрадим: «Мушрикларнинг Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга қилган энг қаттиқ ишлари ҳақида сўзлаб беринг.» У деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Каъба ёнида намоз ўқиётганларида Уқба ибн Аби Муийт келиб, кийимини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бўйниларига ташлади ва У Зотни қаттиқ бўғди. Шунда Абу Бакр келиб унинг икки елкасидан ушлаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан четлаштирди. «Бир кишини «Роббим Аллоҳ» дегани учун ўлдирасизларми? - дерди у.»[25]

Асмо розияллоҳу анҳо айтади: Кимдир Абу Бакрнинг олдига келиб «Соҳибингнинг ёнига етиб бор», деб кетди. Абу Бакр бизнинг олдимиздан чиқиб кетганда бошида тўрт ўрим кокили бор эди. У «Кишини Роббим Аллоҳ дегани учун ўлдирасизларми?» дея чиқиб кетди. Мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни қўйиб, Абу Бакрга ташланишди. Абу Бакр қайтиб келганида унинг қайси соч ўрими-кокилини ушласак, узилиб тушарди[26].

 

Ҳамза ибн Абдул Муттолибнинг Исломни қабул қилиши

 

Зулм ва зўравонликнинг қуюқ булутлари билан қопланган ана шундай оғир соатларда мазлумлар йўлини ёритиб бир чақмоқ чақди. Билингки, бу нур Ҳамза ибн Абдул Муттолибнинг Исломга кириши эди. Ҳамза розияллоҳу анҳу нубувватнинг олтинчи йили охирларида, кучли қавлга кўра зулҳижжа ойида Исломга кирди.

Ҳамза розияллоҳу анҳунинг Исломга киришига қуйидаги воқеа сабаб бўлди: Бир куни Абу Жаҳл Сафо тоғида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларидан ўтаётиб, у кишига озорлар берди, азиятлар етказди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳеч нарса демасдан сукут қилиб турдилар. Сўнг Аллоҳ душмани у зотнинг бошларини тош билан уриб ёрди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бошларидан қон оқди. Кейин Абу Жаҳл Каъба ёнида ўтирган Қурашийлар даврасига бориб ўтирди. Абдуллоҳ ибн Жудъоннинг чўриси Сафодаги уйида туриб бу воқеанинг гувоҳи бўлди. Ҳамза ибн Абдул Муттолиб розияллоҳу анҳу камонини тақиб овдан келганида, чўри Абу Жаҳлнинг қилмишини унга айтиб берди. Қурайшнинг энг мағрур ва азиз йигитларидан бўлган Ҳамза ғазабга миниб, шошилиб чиқиб кетди. У ҳеч кимнинг олдида тўхтамасдан Абу Жаҳлни жазолаш учун уни қидириб келди. Ҳарамга кириб Абу Жаҳлнинг тепасида тўхтади-да, «Ҳой кетида ҳуштак чаладиган, мен жиянимнинг динида бўлсам-у, ҳали сен уни ҳақорат қиласанми?!» деб Аллоҳнинг душманини камон билан уриб, қаттиқ жароҳатлади. Абу Жаҳл Уруғи бўлмиш Бану Махзум кишилари ўрниларидан сапчиб туришди. Бану Ҳошим, яъни Ҳамзанинг Уруғи ҳам сакраб турди.

- Абу Амморага тегманглар, - деди Абу Жаҳл - Ҳақиқатан, мен унинг жиянини қаттиқ ҳақорат қилган эдим[27].

Даставвал жигарининг хорланишига қарши туриб Исломни қабул қилган Ҳамза розияллоҳу анҳу кейин Аллоҳ инояти билан қалби Исломга астойдил мойил бўлиб, Аллоҳнинг мустаҳкам арқонини ушлашга мушарраф бўлди. Мусулмонлар у туфайли анчагина азизлик кўрдилар.

 

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг Исломга кириши

 

Ана шундай зулм ва туғён булутлари қуюқлашган кунларда аввалгисиданда кучлироқ ва ёрқинроқ яна бир чақмоқ чақди - Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Исломни қабул қилди. Бу нубувватнинг олтинчи йили Зул-ҳижжа ойида[28], Ҳамза розияллоҳу анҳу Исломга кирганидан сўнг уч кун ўтгач содир бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг мусулмон бўлишини сўраб Аллоҳ таолога дуо қилган эдилар. Термизий Ибн Умар розияллоҳу анҳудан, Табароний Ибн Масъуд ва Анас розияллоҳу анҳулардан шундай ривоят қилади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Аллоҳим, шу икки киши - Умар ибн Хаттоб ва Абу Жаҳл ибн Ҳишомнинг қай бири Сенга суюклироқ бўлса, ўшаниси билан Исломни қувватлагин!» деб дуо қилдилар. Иккисидан Аллоҳга суюклиси Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бўлди![29]

Умар розияллоҳу анҳунинг Исломга кириши ҳақидаги барча ривоятлар ўрганиб чиқилса, Ислом у кишининг қалбига тадрижий суратда - аста-секинлик билан кириб келгани аён бўлади. Бироқ, охирги хулосани айтишдан аввал Умар розияллоҳу анҳунинг қандай ички кечинмаларни бошидан кечирганлиги ҳақида тўхталиб ўтсак:

Умар розияллоҳу анҳу ўзининг ўткир табиати ва мағрурлиги билан машҳур эди. Кўпинча, қаттиққўл Умарнинг турли озорли зарбалари мусулмонларга келиб тегарди. Аслида, Умар розияллоҳу анҳуни бир-бирига қарама-қарши туйғулар қийнарди. Ота-боболари жорий этган урф-одатларга эҳтиром, кўнгилга хуш ёқадиган ўйин-кулгу ва маст-аластликлар муҳаббати бир томонда турса, мусулмонларнинг собитлиги ва ўз ақидалари йўлида бало-мусибатларни кўтаришларига маҳлиё бўлиш иккинчи томонда турарди. Боз устига Ислом даъват қилаётган нарсанинг бошқа нарсалардан улуғроқ ва покизароқ экани хусусидаги ўйлар ҳар бир оқил киши каби Умар розияллоҳу анҳуга ҳам тинчлик бермасди.

Умар розияллоҳу анҳунинг мусулмон бўлиши ҳақидаги ривоятларни бир-бирига мувофиқлаштириб, қуйидагича мазмунда хулоса ясаш мумкин: Бир кеча Умар розияллоҳу анҳу ўз уйидан бошқа жойда тунашига тўғри келди. Ўша кеча у Ҳарамга келиб, Каъба ёпинчиғи орасига кирди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқиётган эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «ал-Ҳааққо» сурасини ўқий бошладилар. Умар розияллоҳу анҳу Қуръоннинг таълифи-ички мутаносиблиги ва тузилишидан ҳайратга тушиб, унга қулоқ тутарди. Умар розияллоҳу анҳу айтади: Мен ичимда «Аллоҳга қасамки, бу Қурайш айтганидек шоир!» дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги оятларни ўқидилар: «У (Қуръон) шак-шубҳасиз, улуғ Пайғамбарнинг (Аллоҳ даргоҳидан келтирган) сўзидир! У Бирон шоирнинг сўзи эмасдир. Сизлар камдан-кам иймон келтирурсизлар.» (Алҳаққа: 40-41). «Бу фолбин!» дедим ўзимча. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги оятларни ўқидилар: «Ва бирон коҳин-фолбиннинг сўзи ҳам эмасдир. Сизлар камдан-кам панд-насиҳат олурсизлар. (У) барча оламлар Парвардигори томонидан нозил қилинган (Китобдир) (Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам сурани охиригача ўқидилар). Ўшанда қалбимга Ислом кирди.»

Бу Умар розияллоҳу анҳунинг қалбига ташланган Исломнинг дастлабки уруғи эди. Бироқ жоҳилий ҳаёт, тақлидий мутаассиблик ва ота-боболар динини муқаддас деб билишнинг қалин пардаси қалбнинг қаъридан элас-элас таралаётган ҳақиқат овозини тўсиб турарди. Шунинг учун Умар розияллоҳу анҳу қалин парда ортида милтиллаётган туйғуларга унчалик эътибор бермасдан, ҳамон Исломга қарши ҳаракатида фаол эди.

Жаҳлдорлиги ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга адовати кучлилиги боис бир куни Умар қиличини тақиб Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўлдиргани отланди. Йўлда Нуъайм ибн Абдуллоҳ Наҳҳом Адавий ёки Бану Зуҳралик бир киши ёхуд Бану Махзумлик бир киши (ривоятларда ихтилоф бор) унинг қаршисидан чиқди.

- Эй Умар, қаерга кетяпсан?

- Муҳаммадни ўлдирмоқчиман!

- Муҳаммадни ўлдирсанг, Бану Ҳошим билан Бану Зуҳранинг қўлидан қандай омон қоласан?

- Кўриб турибман-ки, сен ҳам ўз динингни тарк этиб, диндан қайтибсан!

- Эй Умар, сенга бундан-да қизиқроқ нарсани айтайми?! Синглинг билан куёвинг ҳам диндан қайтиб, сенинг динингни тарк этишган!

Умар ғазаб билан синглисининг уйига йўл олди. У ерда Хаббоб ибн Арат розияллоҳу анҳу бор эди. Унинг қўлида «Тоҳа» ёзилган саҳифа бўлиб, уни Умарнинг синглиси ва куёвига ўқиб бераётганди, - Хаббоб уларникига келиб, Қуръондан таълим берарди, - Умарнинг шарпасини сезган Хаббоб уйга яширинди. Фотима бинти Хаттоб эса Қуръон ёзилган саҳифани яширди. Бироқ Умар розияллоҳу анҳу уйга яқинлашаётиб қироатини эшитиб қолганди.

- Сизларникидан бир ғўнғиллаган овоз чиқаётган эди. У нима ўзи? - сўради Умар.

- Ҳеч нарса. Биз иккимиз гаплашиб ўтирган эдик!

- Эҳтимол сизлар ҳам диндан қайтгандирсизлар?!

- Эй Умар! Агар ҳақ сенинг динингдан бошқа нарсада бўлса-чи! - деди унинг куёви. Шунда Умар куёвига ташланиб, уни қаттиқ эзғилаб ташлади.

Синглиси келиб Умарни эридан ажратиб олмоқчи бўлганида, синглисини қўли билан уриб юбориб юзини қон қилди - Ибн Исҳоқ ривоятида уриб, юзини ёриб юборди, дейилган - Шунда синглиси ҳам дарғазаб бўлиб: «Эй Умар! Агар ҳақ сенинг динингдан бошқа нарсада бўлса-чи! Гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва гувоҳлик бераманки, Муҳаммад Аллоҳнинг расулидир!» деди.

Ҳафсаласи пир бўлган Умар розияллоҳу анҳу синглисининг юзидаги қонни кўриб қилган ишидан афсусланди ва уялди.

- Қани ўша саҳафангизни беринглар-чи, мен ҳам ўқиб кўрайин, - деди Умар.

- Сен нопоксан. Уни фақат покиза кишилар қўлига олиши мумкин. Тур, ювиниб кел! - деди синглиси Фотима.

Умар розияллоҳу анҳу бориб ювиниб келди. Сўнг саҳифани қўлига олиб ўқиди: «Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан». «Покиза ва тоҳир исмлар!», деди у ва «Тоҳа» сурасини қуйидаги оятигача ўқиди: «Дарҳақиқат, Мен Аллоҳдирман. Ҳеч қандай ҳақ илоҳ йўқ, фақат Мен ҳақдирман. Бас, сен Менгагина ибодат қил ва Мени зикр қилиш учун намозни тўкис адо қил!»

- Бу калом нақадар гўзал ва нақадар мукаррам! Мени Муҳаммаднинг олдига бошланглар! - деди Умар розияллоҳу анҳу. Умарнинг сўзларини эшитган Хаббоб розияллоҳу анҳу уйдан чиқиб келди.

- Суюнчи, эй Умар! - деди Хаббоб розияллоҳу анҳу - Умид қиламан-ки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайшанба кечаси: «Эй Аллоҳим! Исломни Умар ибн Хаттоб ёки Абу Жаҳл ибн Ҳишом билан қувватлагин!» деб қилган дуолари сенга насиб этибди! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Сафо тоғидаги ҳовлидалар!

Умар розияллоҳу анҳу қиличини олиб тақди ва айтилган ҳовлига етиб келиб, эшикни қоқди. Бир киши эшик тирқишидан қараб қилич таққан Умарни кўрди ва келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга хабар берди. Ичкаридагилар бир жойга тўпланди.

- Сизларга нима бўлди? - деб сўради Ҳамза розияллоҳу анҳу

- Умар! - дейишди.

- Умар бўлса ҳам эшикни очинглар! Агар яхши ниятда келган бўлса, ниятига етказамиз! Ёмон мақсадда келган бўлса, ўз қиличи билан ўлдирамиз! - деди Ҳамза розияллоҳу анҳу. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ичкарида эдилар. У кишига ваҳий тушаётган эди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умарни қаршилагани чиқдилар ва хонада унга дуч келдилар. Пайғамбаримиз унинг либосининг кўкрагидан ва қиличининг тасмаларидан тутиб қаттиқ силтадилар.

- Эй Умар! Аллоҳ таоло Валид ибн Муғийранинг бошига солган хорлик ва жазони сенинг ҳам бошингга солмагунга қадар тўхтамайсанми?! Эй Аллоҳим, мана Умар ибн Хаттоб. Эй Аллоҳим, Умар ибн Хаттоб билан Исломни қувватлагин! - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Умар розияллоҳу анҳу: «Гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва сиз Аллоҳнинг Расулисиз!» деб Исломни қабул қилди. Шунда ҳовли ичидаги мусулмонлар «Аллоҳу Акбар!» деб қичқиришди ва бу такбирни Ҳарамдагилар ҳам эшитди[30].

Умар розияллоҳу анҳу биров дахл қила олмайдиган ҳайбат эгаси эди. Унинг Исломни қабул қилиши мушриклар ўртасида хорлик ва зиллат қичқириғини қўзғаган бўлса, мусулмонларни иззат, шараф ва шодлик либосига буркади.

Ибн Исҳоқ Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Мусулмон бўлганимдан кейин Макка аҳлининг қай бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга энг қаттиқ душман, деб ўйладим. Абу Жаҳл деган тўхтамга келиб, уникига йўл олдим. Абу Жаҳлнинг эшигини қоқдим. У чиқиб келди ва: «Хуш келибсан, хизмат?» деди. Мен Аллоҳга ва Унинг расули Муҳаммадга иймон келтирганимни ва У Зот (Аллоҳ ҳузуридан) олиб келган динни тасдиқлаганимни сенга айтиб қўйгани келдим, дедим. Абу Жаҳл юзимга эшикни ёпди ва шундай деди: «Ўзингни ҳам, олиб келган хабарингни ҳам Аллоҳ кўтарсин!»[31]

Ибн Жавзий ёзади: Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтади: Ким мусулмон бўлса, одамлар унга ёпишиб кетарди ва икки ўртада қаттиқ муштлашув бўларди. Мусулмон бўлганимдан кейин тоғам Осий ибн Ҳошимнинг олдига бориб, Исломни қабул қилганимни айтдим. Тоғам уйига кириб кетди. Сўнг Қурайшнинг кибор кишиларидан бирининг - эҳтимол, Абу Жаҳлнингдир - уйига бордим. Унга ҳам мусулмон бўлганимни айтган эдим, уйига кириб кетди[32].

Ибн Ҳишом ва Ибн Жавзийлар мухтасар ривоят қиладиларки, Умар розияллоҳу анҳу мусулмон бўлгач, Жамил ибн Муаммар Жумаҳийнинг - У Қурайшнинг хабарчиси эди - олдига бориб, унга мусулмон бўлганини айтади. Жамил баланд овоз билан: «Ибн Хаттоб диндан қайтибди», деб қичқиради. Унинг орқасида турган Умар эса: «Ёлғон айтаяпти, мен мусулмон бўлдим» дейди. Шунда мушриклар Умарга ташланишади. Умар розияллоҳу анҳу билан мушриклар то қуёш тепаларига келгунга қадар муштлашишди. Охири, Умар розияллоҳу анҳу чарчаб ўтириб қолди. Мушриклар у кишининг тепасида туришарди.

- Қўлларингдан келганини қилинглар! - дерди Умар - Аллоҳга қасамки, агар уч юз киши бўлганимизда шу ерни сизларга ташлаб кетардик ёхуд сизлар уни бизга қолдириб кетардингиз!

Кейин мушриклар Умар розияллоҳу анҳуни ўлдирмоқчи бўлиб, унинг уйини ўраб олишди. Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади: «Умар розияллоҳу анҳу уйида хавф ичида ўтирганида унинг олдига Абу Амр Ос ибн Воил Саҳмий келди. Оснинг эгнида юпқа яманча чопон ва ипак ҳошияли кўйлак бор эди. Ос Саҳм Уруғидан бўлиб, улар жоҳилиятда бизнинг иттифоқдошларимиз саналарди.

- Нима бўлди? - деб сўради Ос.

- Қавминг мусулмон бўлганим учун мени ўлдиришмоқчи.

Ос: «Сен омонлик топдинг, сен томон (уларга) йўл йўқ», деб ташқарига чиқди. У водийни тўлдирган одамларга дуч келди.

- Қаерга кетаяпсизлар? - деб сўради Ос.

- Диндан қайтган анави Ибн Хаттобнинг олдига, - дейишди.

- У томон йўл йўқ! - деди Ос.

Мушриклар орқага қайтди[33]. Ибн Исҳоқ ривоятида: «Аллоҳга қасамки, улар гўё унинг устидан сидириб ташланган кийимдек бўлдилар» (яъни, худди шундай қайтиб кетишди) дейилган[34].

Бу мушрикларнинг билдирган муносабати эди. Келинг, энди гапни мўминлардан эшитайлик. Мужоҳид Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади: «Умар ибн Хаттобдан: «Нима учун Форуқ деб аталгансиз?» деб сўрадим. Умар розияллоҳу анҳу қуйидагича жавоб берди: «Ҳамза розияллоҳу анҳу мендан уч кун олдин Исломни қабул қилган эди - Сўнг Умар розияллоҳу анҳу ўзининг Исломга кириш тарихини ҳикоя қилиб берди ва охирида деди - Исломга кирганимдан сўнг: «Ё Расулуллоҳ, биз ўлсак ҳам, яшасак ҳам ҳақ устида эмасмизми?!», деб сўрадим. «Ҳа, - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам - Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, сизлар вафот топсангизлар ҳам, яшаб қолсангизлар ҳам ҳақдасизлар». «Унда беркинишнинг нима кераги бор? Сизни ҳақ билан юборган Зотга қасамки, (очиқ даъватга) чиқамиз!» - дедим. Икки саф бўлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни олиб чиқдик. Сафларнинг бирида Ҳамза, иккинчисида мен борардим. Унинг эгнини чанг босган эди. Шу ҳолда Ҳарамга кирдик. Қурайш менга ва Ҳамзага қаради. Мушрикларга ҳеч кўрилмаган бир ғам тушди. Ўша куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мени Форуқ (ҳақ билан ботилни ажратувчи) деб атадилар.»[35]

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: То Умар розияллоҳу анҳу Исломни қабул қилгунга қадар Каъбада намоз ўқий олмасдик[36].

Суҳайб ибн Синон ар-Румий айтади: Умар розияллоҳу анҳу мусулмон бўлганидан кейин Ислом ошкор этилиб, унга очиқ даъват қилинди, Каъба атрофида давра қуриб ўтирдик, Каъбани тавоф қилдик, бизга қўполлик қилганлардан ҳақимизни олиб, уларга қилмишига яраша жавоб қайтардик[37].

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: Умар Исломни қабул қилганидан бошлаб азиз бўлдик[38].

 

Қурайш вакили Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида

 

Ҳамза ибн Абдул Муттолиб ва Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳулар Исломни қабул қилганидан кейин мусулмонларнинг бошидаги қуюқ булутлар тарқала бошлади. Мўминларни қийноққа солиш ва азоблаш билан маст бўлган мушриклар аста-секин ўзларига келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни даъватдан тўхтатиш учун имкониятларидаги бор нарсани беришга рози бўлиб, келишиш ҳаракатига тушишди. Бироқ бу бечоралар билмасдиларки, ер юзининг жамики матоси Аллоҳнинг дини ва ҳақ даъвати қаршисида пашша қанотига ҳам арзимайди. Шунинг учун ҳам мушрикларнинг бу уриниши ҳеч қандай самара бермади.

Ибн Исҳоқ ёзади: «Язид ибн Зиёд Муҳаммад ибн Каъб ал-Қуразийдан нақл қилди: Менга айтишларича, Қурайш улуғларидан Утба ибн Рабиъа бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳарамда ёлғиз ўтирганларида қавмининг даврасида шундай дейди:

- Эй Қурайш жамоаси, Муҳаммаднинг олдига бориб гаплашиб кўрайинми? Унга бир неча нарсани таклиф қиламан, эҳтимол, уларнинг бирини қабул қилар. Шунда унинг хоҳлаган нарсасини берардик ва у биздан тийиларди.

Бу пайтга келиб Ҳамза ибн Абдул Муттолиб Исломни қабул қилган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳоблари тобора кўпайиб, кучайиб бораётганини мушриклар ҳам кўриб турарди.

- Майли, эй Абул Валид, унинг олдига бориб гаплашиб кўр, - деди Қурайш.

Утба ибн Рабиъа ўрнидан туриб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларига келиб ўтирди.

- Эй жиян, сен бизнинг тагли-тахтли ва насл-насабли кишимизсан. Қавмингнинг бошига оғир бир иш олиб келиб, унинг бирлигига путур етказдинг, муқаддас туйғуларини топтадинг. Олиҳалари ва динини қораладинг, ўтиб кетган ота-боболаримизни кофирга чиқардинг. Қулоқ сол, сенга бир неча таклиф айтаман. Қараб кўр, эҳтимол, уларнинг бирини қабул қиларсан.

- Гапиринг, эй Абул Валид, эшитаман, - дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам.

- Эй жиян, агар сен шу олиб келган ишинг билан бойлик топмоқчи бўлсанг, биз сенга молларимиздан йиғиб берайлик. Токи ичимиздаги энг бой-бадавлат киши бўлгин. Агар шараф истаётган бўлсанг, сени улуғимиз деб билиб, сенсиз ҳеч бир ишни ҳал қилмайлик. Агар мулк-шоҳлик истаётган бўлсанг, сени ўзимизга подшоҳ қилиб кўтарайлик. Агар сенинг олдингга келаётган жин бўлиб, сен ундан қутула олмаётган бўлсанг, мол-давлатимиздан сарфлаб, сени бу дарддан халос қилайлик. Чунки киши даволанмас экан, одатда, жин унинг устига ғолиб бўлиб олади, - деди Утба - ёки шунга ўхшаш гапларни айтди. Утба ибн Рабиъа гапириб бўлгунга қадар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қулоқ солиб турдилар.

- Эй Абул Валид, гапириб бўлдингизми? - сўрадилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам.

- Ҳа.

- Унда менга қулоқ солинг.

- Хўп.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўз бошладилар:

- «Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан. Ҳа. Мим. (Ушбу Қуръон) Меҳрибон ва Раҳмли (Аллоҳ) томонидан нозил қилингандир. У биладиган қавм учун (мўминларга) хушхабар берувчи ва (кофирларни азобдан) огоҳлантирувчи - арабий Қуръон ҳолида (нозил қилиниб), оятлари муфассал баён қилинган Китобдир. Бас, (кофирларнинг) кўплари (унинг оятлари ҳақида тафаккур қилишдан) юз ўгирдилар, демак, улар «эшитмаслар». Улар (Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга) дедилар: «Дилларимиз сен бизларни даъват қилаётган нарсадан пардаланган.» (Фуссилат: 1-5).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тиловат қилишда давом этдилар. Қуръон оятларини эшитган Утба жим қотди. У икки қўлини орқага тираб, уларга суянган кўйи қулоқ соларди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саждагача ўқидилар ва сажда қилдилар.

- Эй Абул Валид, - дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кейин - Мана эшитдингиз, энди ўзингиз биласиз!

Утба қавмдошларининг олдига қўзғалди. Уни кўрган мушриклар ўзаро шундай дейишди: - Аллоҳга қасам ичиб айтамизки, Абул Валид кетганидан бошқача ҳолатда қайтиб келаяпти.

Утба ибн Рабиъа келиб ўтиргач, ундан «Нима гап, эй Абул Валид?» деб сўрашди.

- Гап шуки, мен бир сўзни эшитдим. Аллоҳга қасамки, мен ҳеч қачон бундай сўз эшитмаганман. Аллоҳга қасамки, бу на шеър, на сеҳр ва на фолбинликдир. Эй Қурайш жамоаси, сўзимга киринглар ва унинг ишини менга қўйиб беринглар. Бу одам билан олиб келган нарсаси ўртасини тўсманг. Уни тинч қўйинглар. Аллоҳга қасамки, унинг айтаётган бу сўзлари учун келажакда албатта, улуғ бир хабар бўлади. Агар уни араблар тинчитсалар, ундан бировлар орқали қутулган бўласизлар. Агар у арабларнинг устига ғолиб бўлса, унинг мулки сизнинг ҳам мулкингиз, унинг азизлиги сизнинг ҳам азизлигингиз ва сизлар у туфайли энг саодатманд кишиларга айланасизлар.

- Эй Абу Валид, у сени тили билан сеҳрлаб қўйибди, - деди Қурашийлар.

- Менинг фикрим шу. Билганингизни қилинглар, - деди Утба.»[39]

Яна бир ривоятда шундай дейилган: «Утба Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Қуръон эшитаркан, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги оятни ўқидилар: «Бас, агар улар (яъни, Макка мушриклари мана шу тафсилотдан кейин ҳам Ёлғиз Аллоҳга иймон келтиришдан) юз ўгирсалар, у ҳолда айтинг: «Мен сизларни худди Од ва Самуд (қабилаларини урган) чақмоққа ўхшаган бир чақмоқ - ҳалокат (келиши)дан огоҳлантирдим». Ана шунда Утба қўрққанидан ўрнидан туриб кетди ва қўлини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оғизларига қўйиб: «Бас, бас, Аллоҳ ҳаққи, қариндошлигимиз ҳаққи» дея Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан тўхташларини ўтинди. Чунки у оятда айтилган ваъид-таҳдиднинг содир бўлишидан қўрқиб кетган эди. Сўнг Утба қавми олдига қўзғалди ва юқоридаги сўзларни айтди.»[40]

 

Қурайш бошлиқлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан музокара олиб боришади

 

Афтидан, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Утбанинг таклифларига берган жавобларидан Қурайшнинг умиди батамом узилмаган эди. Чунки, у зот на ҳа, на йўқ деб очиқ айтмаган, балки Қуръон оятларини тиловат қилиб берган, Утбанинг боши қотиб, қандай келган бўлса ўшандай қайтиб кетган эди. Шундан сўнг Қурайшнинг оқсоқоллари кенгашиб, масалани ҳар тарафлама чуқур ўйлаб, ҳолатни яхшилаб ўргандилар. Бир куни оқшом пайти Каъбанинг олдига йиғилишиб, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни чақиртирдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам яхши умид билан тезда етиб келдилар. Уларнинг олдиларига келиб ўтиргач, у зотга Утба айтган гапларнинг айни ўзини такрорладилар ва Утба ўртага ташлаган таклифларни қайтадан таклиф қилдилар. Гўё гумон қилишдики, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Утбанинг гапларини унинг шахсий фикри деб жиддий қабул қилмаган бўлсалар, мана энди бутун қабиланинг фикри шу эканини билгач, унинг жиддийлигига ишонч ҳосил қилиб, таклифларни қабул қилсалар. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга: «Сизлар нима деяпсизлар ўзи, мен сизларга келтирган нарсаларни на сизларнинг мол-дунёларингизни қўлга киритиш истагида, на шон-шуҳрат ва на подшоҳлик талабида олиб келдим. Балки Аллоҳ мени сизларга элчи қилиб юборди, менга Китоб нозил қилди ва мени сизларга хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи бўлишимга буюрди. Мен сизларга Раббимнинг рисолати-элчилигини етказдим ва сизлар учун насиҳатчи бўлдим. Агар олиб келганларимни мендан қабул қилсангиз, бу сизларга дунё-ю охиратда саодат бўлади, агар рад этсангиз то сизлар билан менинг ўртамдаги Аллоҳнинг ҳукми келгунича сабр қиламан», дедилар ёки шу мазмунда сўзладилар.

Шундан сўнг Қурайш иккинчи нуқтага ўтди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: Раббингдан сўра, мана бу тоғларни биздан узоқроққа суриб, юртларимизни кенгайтирсин, унда анҳорлар оқизсин, бизларга ўлганларимизни – ва хусусан Қусай ибн Килобни – тирилтириб берсин, агар ўшалар сени тасдиқласалар, биз ҳам иймон келтирамиз, дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга юқоридаги жавобларининг айни ўзини қайтардилар.

Сўнг учинчи нуқтага ўтишди: Раббингга дуо қил, сенинг пайғамбарлигингни тасдиқлайдиган бир фаришта туширсин, биз унга мурожаат қилиб ҳақиқатни билайлик, яна сенга боғлар, хазиналар, олтин-кумушдан қилинган қасрлар қилиб берсин, деб талаб қилишди. Бу талабларига ҳам айни жавобни қайтардилар.

Сўнг тўртинчи нуқтага ўтишди: У зотдан азобни талаб қилишди ва: «Агар сен айтаётган азоб ва ваъидлар борлиги рост бўлса, қани осмоннинг бир бўлагини устимизга ташлаб юбор-чи», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бу Аллоҳнинг қўлидаги иш, У ўзи ҳохлаган ишини қилади», деб жавоб бердилар. Улар: «Раббинг бизнинг сен билан бирга ўтиришимизни ва сендан шу нарсаларни талаб қилишимизни олдиндан билиб, сенга бизни чекинтирадиган жавобларни ўргатмадими, агар қабул қилмасак, бошимизга не кунлар тушишини айтмадими?!» дейишди.

Охирида у зотга қаттиқ таҳдидлар қилиб: «Қасамки, сени асло тинч қўймаймиз, икки ўртада ё сени ҳалок қиламиз ё ўзимиз ҳалок бўламиз», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улардан қилган умидлари пучга чиққанидан афсусланиб, ғамгин ҳолда уйларига қайтдилар[41].

 

Абу Жаҳлнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўлдиришга қасд қилиши

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улар ҳузуридан кетгач, Абу Жаҳл деди:

- Эй Қурайш жамоаси, кўриб турганингиздек Муҳаммад динимизни қоралашни, ота-боболаримизни ҳақорат қилишни, бизни нодонга чиқариб, олиҳаларимизни хорлашни мақсад қилган. Аллоҳни ўртага қўйиб сўз бераманки, кўтаришга кучим етадиган бир тошни олиб ўтираман-да, Муҳаммад сажда қилганида ўша тош билан бошини янчаман. Кейин мени ҳимоя қиласизларми ёки ташлаб қўясизларми, менга барибир. Абду Маноф уруғи қўлидан келганини қилсин.

- Аллоҳга қасамки, сени ҳеч қачон ташлаб қўймаймиз. Мақсад қилган ишингни амалга оширавер! - деб жавоб беришди мушриклар.

Эртасига Абу Жаҳл ўзи айтганидек, бир тошни олиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кутиб ўтирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар галгидек эрталаб келиб намоз ўқий бошладилар. Қурайш ҳам йиғиладиган жойига келиб ўтириб, Абу Жаҳл нима қиларкин, деб кутиб турди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саждага бош қўйганларида Абу Жаҳл тошини кўтариб Пайғамбаримиз томон юрди. Бироқ Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга яқинлашиши билан ранглари ўчиб, қўрқиб, орқага чекинди. Қалтираб қўлидаги тошини ташлаб юборди. Қурашийлар унинг олдига келиб сўрашди:

- Сенга нима бўлди, эй Абул Ҳакам?

- Мен кеча сизларга айтган ишимни қилмоқчи эдим. Муҳаммадга яқинлашганимни биламан, уни тўсиб бир буғро-эркак туя пайдо бўлди. Аллоҳга қасамки, мен унингдек боши, бўйни ва тишлари бор туяни ҳеч қачон кўрмаганман. Ўша буғро мени еб қўймоқчи бўлди.

Ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган эканлар: «У Жибрил алайҳис-салом эди. Агар (Абу Жаҳл) яқинлашганида уни тутган бўларди.»[42]

 

Савдолашиш ва ён беришлар

 

Қурайшнинг алдову қизиқтириш ҳамда таҳдиду қўрқитиш асосига қурилган музокараси барбод бўлгач ва Абу Жаҳлнинг дағаллиги, хиёнаткорона ҳаракатлари билан ҳеч нарсага эришилмаслигига кўзлари етгач, уларда муаммонинг ечимига оқилона тадбир орқали етиб бориш истаги туғилди. Аслида, улар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни ботил устида дейишга жазм қилишмас, балки Аллоҳ таоло айтганидек: «...ундан шак-шубҳада» (Шўро-14) эдилар. Шу боис дин ишида у зот билан савдолашмоқчи, ўзларича йўл ўртасида Ислом билан жоҳилиятни учраштирмоқчи - бирлаштирмоқчи бўлишди. Уларнинг савдосига кўра, мушриклар айрим эътиқодларидан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам айрим эътиқодларидан воз кечишлари керак эди. Агар Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) даъват қилаётган нарса ҳақ бўлса, биз ҳам шу йўл билан ҳаққа эришамиз, деб гумон қилишди улар.

Ибн Исҳоқ ёзади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Каъбани тавоф қилаётганларида Асвад ибн Муттолиб ибн Асад ибн Абдул Уззо, Валид ибн Муғийра, Умайя ибн Халаф ва Ос ибн Воиллар — Улар қавмининг оқсоқоллари эди — У кишининг қаршиларига келиб шундай дейишди:

- Эй Муҳаммад, кел, сен ибодат қилаётган зотга биз ибодат қилайлик, сен ҳам биз ибодат қилаётган нарсаларга ибодат қилгин. Агар сен ибодат қилаётган Зот биз ибодат қилаётган нарсадан яхшироқ бўлса, Ундан биз ҳам насибадор бўлиб қоламиз. Агар бизнинг ибодат қилаётганимиз сен ибодат қилаётгандан яхшироқ бўлса, сен ҳам ундан насибадор бўласан. Ўшанда Аллоҳ таоло «Кофирун» сурасини нозил қилди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг,: «Эй кофирлар! Мен сизлар ибодат қилаётган нарсаларга ибодат қилмасман.»[43]

Абд ибн Ҳумайд ва бошқалар Ибн Аббосдан ривоят қилишларича, Қурайш: «Агар бизнинг олиҳаларимизни истилом (тавоф) қилсанг (қўлинг билан силаб улуғласанг), сенинг Илоҳингга ибодат қиламиз» дейишганда Аллоҳ таоло «Кофирун» сурасини нозил қилди[44].

Ибн Жарир ва бошқалар ривоятида мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга «Бир йил бизнинг олиҳаларимизга сиғин, бир йил сенинг Раббингга ибодат қиламиз» деганларида Аллоҳ таоло «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, у мушрикларга) айтинг: «Ҳали сизлар мени Аллоҳдан ўзгага ибодат қилишга буюрасизми, эй нодонлар!». (Зумар-64).

Аллоҳ таоло мушрикларнинг кулгили таклифларини ана шундай кескинлик билан рад қилиб ташлагач ҳам Қурайш бутунлай умидсизликка тушмади, балки Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари олиб келган таълимотга баъзи ўзгартиришлар киритиши эвазига улар ҳам кўпроқ ён беришга розилик изҳор қилишди. «Бу Қуръондан бошқа бир Қуръон келтиргин ёки буни ўзгартиргин», дейишди. Аллоҳ таоло бу йўлни ҳам кескинлик билан рад қилди: «Айтинг: «Мен учун уни ўз томонимдан ўзгартириш дуруст эмасдир. Мен фақат ўзимга ваҳий қилинган оятларгагина эргашурман. Чунки мен агар Парвардигоримга исён қилсам, улуғ Куннинг (Қиёматнинг) азобидан қўрқаман» (Юнус-15). Ва бундай ишнинг оқибати ғоят хатарли экани билан огоҳлантирди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, мушриклар) сизни Бизнинг шаънимизга, (ваҳийдан) ўзга нарсаларни тўқиб чиқаришингиз учун - Биз сизга ваҳий қилган оятлардан алдаб-буриб юборишларига оз қолди. У ҳолда (яъни, уларнинг йўриқларига юрсангиз), сизни дўст қилиб олган бўлар эдилар. Агар Биз сизни (ҳақ йўлда) қилмаганимизда, сиз уларга бир қадар мойил бўлишингизга оз қолди. У ҳолда албатта Биз сизга дунё (азобини) ҳам, охират (азобини) ҳам икки ҳисса қилиб тоттирган бўлар эдик, сўнгра ўзингиз учун Бизга қарши бирон мададкор топа олмаган бўлар эдингиз.» (Исро: 73-75).

 

Қурайшнинг боши қотиб, ўйга толиши ва яҳудлар билан алоқа боғлаши

 

Мазкур музокара, келишувга уриниш ва ён беришлар ҳеч қандай самара бермагач, Қурайш йўлини йўқотган одамдек гангиб, нима қилишини билмай боши қотиб қолди. Қурайш шайтонларидан бири бўлмиш Назр ибн Ҳорис уларга насиҳат қилиб шундай деди: «Эй Қурайш жамоаси, Аллоҳга қасамки, бошингизга бир иш тушди ва сизлар ҳалигача унинг чорасини топа олмадингиз. Муҳаммад сизларнинг орангизда ёш йигит эканида сизларнинг энг яхшингиз, ростгўйингиз ва омонатдорингиз эди-ку?! Энди икки чаккасига оқ тушганида мана бу ишни олиб келгани учун уни сеҳргар дейсизлар. Йўқ, Аллоҳга қасамки, у сеҳргар эмас. Биз сеҳргарларни ҳам, уларнинг куф-суфлари-ю, тугунларини кўп кўрганмиз. Коҳин дедингиз. Йўқ, Аллоҳга қасамки, у коҳин эмас. Биз коҳинларни биламиз, уларнинг талвасаларини кўрганмиз, қофияли сўзларини эшитганмиз. Шоир дедингиз. Йўқ, Аллоҳга қасамки, у шоир эмас. Биз шеърни яхши тушунамиз, унинг ҳамма турини, ҳажази-ю ражазини эшитганмиз. Мажнун дедингиз. Йўқ, Аллоҳга қасамки, у мажнун эмас. Биз жунун нима, унинг тутқаноқлари, васвасалари ва алаҳсирашлари нима, кўрганмиз, биламиз. Эй Қурайш жамоаси, аҳволингизни яхшилаб бир ўйлаб кўринг. Аллоҳга қасамки, бошингизга улкан бир иш тушди.»

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳар қандай таҳдид ва пўписаларга қарши матонат билан туришларини, қизиқтирувчи ва йўлдан урувчи ҳар қандай таклифларни қатъиян рад этишларини, ўз йўлларида сабот билан давом этишларини, шунингдек у зотнинг ростгўй, покиза ва улуғ ахлоқ эгаси эканликларини кўрган Қурайш пешволари у ростдан ҳам пайғамбар бўлса-чи, деган гумонга ҳам борди ва уларда яҳудийлар билан боғланиб, уларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларидаги фикрларини билиш истаги пайдо бўлди. Назр ибн Ҳорис уларга юқоридаги гаплари билан насиҳат қилгач, унинг ўзини бир неча кишилар билан биргаликда Мадина яҳудийлари ҳузурига бориб, улар билан сўзлашиб келишга юбордилар. Яҳудий руҳонийлари уларга шундай йўл кўрсатишди: «Сизлар ундан уч нарса ҳақида сўранглар. Агар жавоб бера олса, ҳақиқатан пайғамбар бўлади, акс ҳолда ундай кимса ўлимга маҳкум: Ундан аввалги замонда (узоқ вақт йўқ бўлиб) кетган йигитларнинг иши қандай бўлган, деб сўранглар. Чунки, уларнинг иши жуда қизиқ кечган. Яна ундан ерни кезиб, унинг машриқу мағрибларига етиб борган бир киши ҳақида сўранглар, нима биларкин. Сўнгра ундан руҳ нима, деб сўранглар.»

Маккага қайтишгач, Назр : «Биз сизларга Муҳаммад билан бизнинг ўртамизни узил-кесил ажрим қилиб берадиган нарсани олиб келдик» деди ва яҳудларнинг гапларини Қурайшга етказди. Қурайш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан юқоридаги саволларни сўрагач, орадан бир неча кун ўтиб, «Каҳф» сураси нозил бўлди. Ушбу сурада мазкур йигитлар - «Асҳобул-Каҳф»нинг ҳикояси ва ернинг машриқу мағрибини қўлга киритган Зул-қарнайн ҳақидаги қисса бор эди. Руҳ ҳақидаги саволнинг жавоби «Исро» сурасида нозил бўлди. Қурайшга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳақ пайғамбар эканликлари маълум бўлди, бироқ бу билан золимларнинг куфрлари заррача камаймади[45].

 

Абу Толиб ва яқин қариндошларнинг муносабати

 

Воқеалар оқими ўзгарди. Вазият ва ҳолатлар ўзгача тус олди. Бироқ Абу Толиб ҳамон суюкли жиянини ўйлаб безовта эди. У бўлиб ўтган ҳодисаларга назар ташлади: Мушриклар унга қарши уруш очамиз деб таҳдид қилишди. Сўнг Аммора ибн Валиднинг эвазига Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни олиб ўлдирмоқчи бўлишди. Абу Жаҳл жиянининг бошини тош билан янчмоқчи бўлди. Уқба ибн Аби Муъийт ридоси билан у зотни бўғиб, ўлдиришига сал қолди. Умар ибн Хаттоб уни ўлдираман деб қилич кўтариб чиқди. Ана шу ҳодисаларнинг барчасини таҳлил қилиб чиққан Абу Толиб амин бўлди-ки, мушриклар унинг ҳимоясини бузиб, жиянини ўлдиришга қасд қилганлар. Қурайшнинг бир бўлиб жиянига ташланаётганини кўрган Абу Толиб Абду Маноф авлодини - Бану Ҳошим ва Бану Муттолиб уруғини йиғиб, уларни ҳам худди ўзи каби жиянини ҳимоя қилишга чақирди. Арабларда кучли ривожланган қариндош-уруғчилик ҳамиятидан келиб чиқиб ҳар иккала уруғнинг мусулмони-ю кофири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳимоя қилишга рози бўлди. Фақат Абу Толибнинг ўз иниси Абу Лаҳабгина улардан ажралиб, Қурайш мушриклари ишига бош қўшди[46].



[1] Табароний Қатодадан ривоят қилган. Ибн Исҳоқ ривоятига кўра, Қурайш ҳам бунга қаттиқ уринган. Ибн Ҳишом: 1/652.

[2] Атодан ривоят қилинган, Ибн Касир тафсири: Кавсар сураси.

[3] Канзул-уммол: 12/449.

[4] Сийрату Ибн Ҳишом: 1/335, 336. Муҳаммад-мақталган, Музаммам эса қораланган дегани. Мушриклар адоватлари туфайли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам исмларининг тескарисини айтиб, у зотни ўзларича пастга урардилар (Ат-Тарих лил-Бухорий: 1/11, Саҳиҳул-Бухорий маъал фатҳ: 7/162, Муснаду Аҳмад: 2/244, 340, 369.)

[5] Бу қиссани Ҳоким, Табароний, Абу Яъло, Абу Нуайм ва бошқалар бироз фарқли кўринишда ривоят қилганлар.

[6] У Умавий халифа Марвон ибн Ҳакамнинг отаси эди.

[7] Ибн Ҳишом: 1/416.

[8] Қоғоноқ – бачадонда болани ўраб турадиган парда, йўлдош.

[9] Саҳиҳул Бухорий: Китобул вузуъ: 1/37ҳ. (Еттинчиси Аммора ибн Валид экани 520-ҳадисда очиқ айтилган).

[10] Ибн Ҳишом: 1/356, 357.

[11] Ибн Ҳишом: 1/361, 362.

[12] Ибн Жарир тафсирида, шунингдек, Термизий (5/414ҳ) ва бошқаларда келтирилган.

[13] Саҳиҳул Муслим: 4/2145, 38-ҳ.

[14] Ибн Ҳишом: 1/263.

[15] Ас-сунан ал-кубро лил-Байҳақий: 9/9.

[16] Зодул-маъод 1/24.

[17] Зодул-маъод 1/24.

[18] Имом Бухорий ушбу сажда ҳикоясини Ибн Масъуд ва Ибн Аббослар ривояти билан мухтасар шаклда келтирган. Қаранг: «Ван-Нажм» саждаси ҳақидаги боб.

[19] Ибн Ҳишом: 1/364, Зодул-маъод: 1/24, 2/44.

[20] Зодул-маъод: 1/24.

[21] Ибн Ҳишом: 1/334, 338.

[22] Далоилун-нубувва: 2/585, Абдуллоҳ Наждий, Мухтасар ас-сийра: 135-с.

[23] Мухтасар ас-сийра: 113-с.

[24] Ибн Ҳишом: 1/289, 290.

[25] Саҳиҳул Бухорий: 1/544.

[26] Абдуллоҳ Наждий, Мухтасар ас-сийра: 113-с.

[27] Ибн Ҳишом: 1/291, 292.

[28] Ибнул Жавзий, Умар ибн Хаттоб тарихи: 11-с.

[29] Термизий, Умар ибн Хаттоб маноқиби, 5/576, (3681-ҳ).

[30] Ибнул Жавзий, Умар ибн Хаттоб тарихи: 7,10,11-с. Ибн Ҳишом: 1/343-346.

[31] Ибн Ҳишом: 1/349, 350.

[32] Ибнул Жавзий, Умар ибн Хаттоб тарихи: 8-с.

[33] Саҳиҳул Бухорий, Умар ибн Хаттобнинг Исломга кириши ҳақидаги боб, 1/545.

[34] Ибн Ҳишом: 1/349.

[35] Ибнул Жавзий, Умар ибн Хаттоб тарихи: 6, 7-с.

[36] Абдуллоҳ Наждий, Мухтасар ас-сийра: 103-с.

[37] Ибнул Жавзий, Умар ибн Хаттоб тарихи: 13-с.

[38] Саҳиҳул Бухорий, Умар ибн Хаттобнинг Исломга кириши ҳақидаги боб, 1/545.

[39] Ибн Ҳишом: 1/293, 294. Бир қисми Табаронийнинг «Ал-муъжамус-сағир»ида ҳам келтирилган.

[40] Ибн Касир тафсири: 4/95, 96, мазкур оят тафсири.

[41] Ибн Исҳоқ ривоятидан қисқартма (Ибн Ҳишом: 1/295-298), Ибн Жарир, Ибнул-Мунзир, Ибн Абу Ҳотам (Ад-дуррул-мансур: 4/365, 366).

[42] Ибн Ҳишом: 1/298, 299.

[43] Ибн Ҳишом: 1/362.

[44] Ад-дуррул-мансур: 6/292.

[45] Ибн Ҳишом: 1/299-301.

[46] Ибн Ҳишом: 1/269.


Qayd etilgan


lolo  22 Noyabr 2009, 05:47:06

АЛОҚАЛАРНИНГ БАТАМОМ УЗИЛИШИ

 

Зулм ва зўравонлик битими

 

Бану Ҳошим ва Бану Муттолиб уруғларининг барча кишиси - мусулмони-ю кофири Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳимоя қилишга аҳд қилиши Қурайшнинг бошини қотириб қўйди. Шундан кейин мушриклар Муҳассаб водийсидаги Бану Кинона ерида тўпланиб, Бану Ҳошим ва Бану Муттолибга қарши қуйидагича иттифоқ қилишди: Қурашийлар бу уруғ кишилари билан қуда-андачилик ва савдо-сотиқ қилмайди, улар билан бирга ўтирмайди, уларга аралашмайди, уйларига кирмайди ва улар билан гаплашмайди. Токи бу икки уруғ Қурайш мушрикларига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни қатл этиш учун топширмагунга қадар уларга қарши ана шундай муносабатда бўлинади. Мушриклар ўзларининг аҳду-паймонларини бир саҳифага ёзиб ҳам қўйишди: «Бану Ҳошим Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни қатл қилиш учун топширмагунча улардан ҳеч қандай битим-келишув қабул қилинмайди ва уларга ҳеч қандай раҳм-шафқат қилинмайди.»

Ибнул Қаййим ёзади: «Баъзилар мазкур саҳифани Мансур ибн Икрима ибн Омир ибн Ҳошим ёзган десалар, баъзилар Назр ибн Ҳорис ёзган дейишади. Бироқ саҳиҳ гап шуки, бу саҳифани Бағиз ибн Омир ибн Ҳошим ёзган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни дуоибад қилганларида, қўли шол бўлиб қолган.»[1]

Қурайш ана шундай аҳд-паймон қилиб, уни бир саҳифага ёзиб Каъба ичига осиб қўйди. Бану Ҳошим ва Бану Муттолибнинг Абу Лаҳабдан бошқа барча кишилари - мусулмони-ю кофири нубувватнинг еттинчи йили Муҳаррам ойи ҳилоли кечасида Абу Толиб дарасига кўчиб ўтди. Қамал кунлари бошланди.

 

Абу Толиб дарасида уч йил

 

Қамал кучайди. Дарадагиларнинг озиқ-овқати узилди. Мушриклар Маккага келган ҳар қандай егулик ёхуд савдо молларини зудлик билан сотиб олиб қўйишарди. Оқибат дарадагиларнинг ҳоли танг бўлди. Улар оч қолганликларидан барглар ва териларни ейишга мажбур бўлишди. Дарадан аёллар ва гўдакларнинг очликдан чирқираб йиғлаётгани эшитилиб турарди. Уларга фақат яширинча у-бу нарса келиб турарди, холос. Қамалдагилар эҳтиёжларини бутлаш учун фақат уруш ҳаром қилинган ойлардагина ташқарига чиқа олардилар. Улар четдан келган карвонлардан нарсалар сотиб олишарди, бироқ Макка аҳли қамалда қолганлар сотиб ололмаслиги учун молларнинг нархини атай ошириб юборишарди.

Ҳаким ибн Ҳизом аммаси Хадича розияллоҳу анҳога буғдой обориб турарди. Бир сафар Абу Жаҳл унинг йўлини тўсди. Уларнинг ўртасидаги тортишувга Абул Бухтарий аралашди ва Ҳакимга донни аммасига олиб боришга имкон яратди.

Абу Толиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўйлаб қўрқарди. Уйқуга ётиш пайтида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ўз ўринларига ётишни буюрар ва нияти ёмон кимсалар ҳам буни кўрсин дерди. Сўнг ҳамма ухлагач, бирон ўғли, иниси ёки амакиваччасига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўринларига ётишни буюриб, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни бошқа жойга ётқизарди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар ҳаж мавсуми кунлари дарадан ташқарига чиқиб одамлар билан кўришар ва уларни Исломга даъват қилар эдилар. Биз ўша кунларда ҳам Абу Лаҳабнинг нималар қилгани ҳақида юқорида ёзган эдик.

 

Битимнинг бекор қилиниши

 

Дарадагилар икки ё уч йил ана шундай аҳволда яшадилар. Нубувватнинг ўнинчи йили Муҳаррам ойида[2] Қурайш тузган зулм битими бузилди, қамал бекор қилинди. Чунки Қурайшнинг бу қарорига кимлардир рози ва яна кимлардир норози эди. Айнан мана шундай норози кишилар саҳифани йиртиб ташлашга ҳаракат қилишди. Бу ишнинг бошида Ҳишом ибн Амр турди. Бану Омир ибн Луай уруғидан бўлган Ҳишом дарада ётган Бану Ҳошим уруғига тунда яширинча егуликлар етказарди. Хуллас, Ҳишом ибн Амр Зуҳайр ибн Аби Умайя ал-Махзумийнинг олдига келди – Зуҳайрнинг онаси Абдул Муттолибнинг қизи Отика эди – ва унга шундай деди:

- Эй Зуҳайр, тоғаларинг мана шундай аҳволда ётса-ю, сен еб-ичиб ўтираверасанми?!

- Сени қара-ю, бир ўзимнинг қўлимдан нима ҳам келарди?! Аллоҳга қасамки, агар ёнимда яна биров бўлганида бу битимни бузишга уринардим.

- Ўша бировни топдинг.

- Ким экан у?

- Мен.

- Учинчи кишини ҳам топ, - деди Зуҳайр.

Ҳишом Мутъим ибн Адийнинг олдига борди. Бану Ҳошим ва Бану Муттолиб уруғларининг унга ҳам қариндошлигини эслатиб, уни Қурайшнинг ана шу зулмига бош қўшгани учун айблади.

- Сени қара-ю, мен нима ҳам қила олардим. Бор-йўғи бир ўзим бўлсам, - деди Мутъим.

- Иккинчи кишини ҳам топдинг.

- Ким у?

- Мен.

- Учинчи кишини ҳам топ?

- Аллақачон топиб қўйганман.

- Ким у?

- Зуҳайр ибн Аби Умайя.

- Тўртинчи кишини ҳам топ.

Ҳишом ибн Амр Абул Бухтарий ибн Ҳишомнинг олдига келиб, унга ҳам Мутъимга айтганларини айтди.

- Бу ишда ёрдам берадиган яна бирон киши борми?

- Ҳа.

- Ким у?

- Зуҳайр ибн Аби Умайя, Мутъим ибн Адий ва мен сен билан биргамиз.

- Бешинчи кишини ҳам топ.

Ҳишом ибн Амр Замъа ибн Асвад ибн Муттолиб ибн Асаднинг олдига борди. Унга ҳам дарадагиларнинг қариндошлигини ва ҳақларини эслатди.

- Мени даъват қилаётган бу ишингга яна бирон киши қўшилганми?

- Ҳа, - деб жавоб берди Ҳишом ва юқоридагиларнинг номларини айтди.

Улар Ҳажунда йиғилиб, саҳифани бекор қилишга келишишди.

- Мен бошлайман! - деди Зуҳайр - Энг биринчи бўлиб гапираман.

Эртасига эрталаб йиғилиб ўтирадиган жойларига келишди. Ҳулла (араблар либоси) кийиб олган Зуҳайр ҳам келиб, Каъбани етти марта тавоф қилди-да, сўнг одамларга юзланди:

- Эй Макка аҳли, Бану Ҳошим ҳалокатга ташлаб қўйилиб, савдо-сотиқдан тўсиб ташланган бир аҳволда биз еб-ичиб, либослар кийиб юраверамизми? Аллоҳга қасамки, орани узадиган манави золим саҳифа йиртиб ташланмагунга қадар ўтирмайман.

Ҳарамнинг бир бурчагида ўтирган Абу Жаҳл унга эътироз билдирди:

- Бекор айтибсан. Аллоҳга қасамки, у йиртилмайди.

- Аллоҳга қасамки, сен ўзинг бекор айтибсан! - деб гапга аралашди Замъа ибн Асвад. - Биз бу саҳифа ёзилаётганда рози бўлмаганмиз.

- Замъа рост айтаяпти, - деди Абул Бухтарий - Биз унда ёзилган нарсаларга рози эмасмиз ва уларни тасдиқламаймиз.

- Сиз иккингизнинг гапингиз ҳақ ва бундан бошқа гапни айтган кимса бекор айтибди, - деди Мутъим ибн Адий - Биз Аллоҳни ўртага қўйиб айтамизки, бу саҳифадан ҳам, унда ёзилган нарсалардан ҳам безормиз.

Ҳишом ибн Амр ҳам уларни қўллаб-қувватлади.

- Бу иш кеча пиширилган, - деди Абу Жаҳл - Бошқа жойда олдиндан келишиб олинган.

Абу Толиб Ҳарамнинг бир четида ўтирарди. Унинг Ҳарамга келишининг ўз сабаби бор эди. Аллоҳ таоло Расулини саҳифанинг ишидан бохабар қилди ва билдирдики, Аллоҳ бу саҳифага термитларни жўнатди. Улар саҳифадаги зулм, адоват ва орани узиш ҳақидаги жойларини еб ташлаб, фақат Аллоҳ номинигина қолдиришди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу хабарни амакиларига айтдилар. Абу Толиб Қурайш ҳузурига келиб жиянининг шундай-шундай деганини, агар у ёлғон гапирган бўлса, мушриклар билан унинг ўртасини очиб қўйишини, рост гапирган бўлса, уларга қилинаётган қамал ва зулмни тўхтатишни таклиф қилди.

- Адолатли гап, - дейишди мушриклар.

Саҳифани йиртмоқчи бўлганлар билан Абу Жаҳл ўртасида юқоридаги мунозара бўлиб ўтгач, Мутъим уни йиртиб ташлаш учун қўзғалди. Қараса, унда «Эй Аллоҳ, Сенинг Исминг билан» деган жойгина қолибди. Саҳифанинг бошқа қисмини термитлар еб битирибди. Фақат Аллоҳ исми ёзилган жойгина соғ қолибди.

Шундай қилиб, саҳифа йўқ қилинди. Қамалдагилар очиққа чиқишди. Мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам нубувватларининг чин аломатларидан бирини кўрсалар-да, ҳамон ўз кўрликларида қолишди. Ахир Аллоҳ таоло улар ҳақида шундай демаганми?!

«Агар улар (Қурайш кофирлари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳақ Пайғамбар эканликларига далолат қиладиган) Бирон оят-мўъжиза кўрсалар (ҳам у Пайғамбарга иймон келтириш ўрнига) юз ўгирурлар ва «(бу) ҳар доимги сеҳр-ку!» дерлар.» (Қамар-2).

Худди шундай! Мушриклар бу оят-аломатдан ҳам юз ўгириб, ўз куфрларида зиёда бўлишди[3].

 

Қурайшнинг Абу Толибга жўнатган охирги вакиллари

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дарадан чиққанларидан кейин яна аввалгидай даъват ишини давом эттирдилар. Қурайш гарчи алоҳида ажратиб қўйишни тўхтатган бўлса-да, ҳамон мусулмонларга тазйиқ қилиш ва одамларни Аллоҳ йўлидан тўсиш билан машғул эди. Жиянини авайлаб-асрашга қаттиқ эътибор берадиган Абу Толиб ҳам ёши саксондан ошиб, кейинги йилларда, хусусан, дарадаги қамал кунларида бошига ёғилган кетма-кет аламлар ва қийинчиликлар юки остида қадди букчайиб, бўғимлари бўшашиб, анча ҳолдан тойди. Абу Толиб дарадан чиққанига бир неча ой бўлгач, бетобланиб қаттиқ оғриб қолди. Ана шунда мушриклар Абу Толиб ўлганидан кейин Муҳаммаднинг таъзирини берсак, араблар орасида ёмон отлиқ бўлиб қоламиз, деб хавфсирашди ва амакисининг кўзи очиқлигида яна бир марта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан музокара юритмоқчи бўлишди. Улар шу пайтгача рози бўлмаган баъзи шартларни қабул қилишга ҳам тайёр эдилар. Шундай қилиб, Абу Толибнинг олдига Қурайш вакиллари охирги марта келишди.

Ибн Исҳоқ ва бошқалар ёзади: «Абу Толиб дардга чалиниб, унинг оғирётгани ҳақида Қурайш хабар топгач, ўзаро шундай маслаҳат қилишди: Ҳамза ва Умар Исломни қабул қилди. Муҳаммаднинг иши Қурайшнинг барча уруғларига ёйилиб бўлди. Юринглар, Абу Толибнинг олдига борайлик. Жиянини айрим нарсаларга кўндирсин. Майли, биздан ҳам у-бу нарсага ваъда олсин. Аллоҳга қасамки, улар бизнинг ишимизга ғолиб бўлиб кетишлари мумкин.»

Яна бир ривоятда шундай дейилган: «Биз қўрқамизки, манави шайх ўлганидан кейин унга бир нарса бўлса, араблар бизни маломат қилишади. Амакиси тириклигида тегинишмасди, амакиси ўлгандан кейин унга ташланишди, дейишади.»

Хуллас, қавмнинг улуғлари - Утба ибн Рабиъа, Шайба ибн Рабиъа, Абу Жаҳл ибн Ҳишом, Умайя ибн Халаф ва Абу Суфён ибн Ҳарблар таркибида бўлган йигирма бештача киши Абу Толибнинг олдига келишди.

- Эй Абу Толиб, сен бизнинг обрўли кишимизсан. Бугун оғирлашиб қолибсан. Сендан хавотирдамиз. Жиянинг билан бизнинг ўртамиздаги ишлардан хабаринг бор. Жиянингни чақиртир. Биз баъзи нарсаларга рози бўлайлик, у ҳам баъзи нарсаларга рози бўлсин. Бизни тинч қўйсин, биз ҳам уни тинч қўяйлик. Бизни ва динимизни ўз ҳолига қўйсин, биз ҳам уни ва динини ўз ҳолига қўяйлик.

Абу Толиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга одам жўнатиб чақиртириб келди.

- Эй жиян, мана қавмингизнинг улуғлари йиғилиб келишибди. Сиз учун айрим нарсаларга рози бўлиб, сизни ҳам баъзи нарсаларга рози қилишмоқчи.

Кейин Абу Толиб Қурайш айтган таклифни батафсил баён қилди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Мен сизларга бир оғиз сўзни таклиф қиламан. Агар шу сўзни айтсангизлар, арабларга ҳоким бўласизлар ва ажам (араб бўлмаган барча халқлар) сизларга тобе бўлади.»

Бир ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Абу Толибга юзланиб шундай деганлари нақл қилинган: «Улардан бир оғиз сўзни айтишларини сўрайман. Шу сўз сабабли араблар уларга бўйсуниб, ажам жизя тўлайдиган бўлади.»

Яна бир лафзда шундай дейилган:

 «- Эй амаки, уларни ўзлари учун яхшироқ бўлган бир нарсага даъват қилсам-чи?

- Уларни нимага чақирасиз?

- Мен уларни бир оғиз сўз айтишга чақираман. Шу сўз билан араблар уларга бўйсуниб, ажам устидан ҳоким бўлишади.»

Ибн Исҳоқ ривоятида шундай дейилган: «Бир оғиз сўзни беринглар, шу сўз билан арабларга эгалик қиласизлар ва ажам сизларга тобе бўлади.»

Қурайш улуғлари ҳайрон бўлиб туриб қолишди. Ахир шу қадар фойдали бўлган бир оғиз сўзни айтишдан қандай бош тортсинлар?!

- Нима экан, у? - деди Абу Жаҳл - Отанг ҳаққи-ҳурмати ўша сўзни ва унга ўхшаган яна ўнта сўзни сенга берамиз!

- Ла илаҳа иллаллоҳ дейсизлар ва Аллоҳдан ўзга маъбудларингизни тарк қиласизлар! - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам.

Қурайш (ажабланганидан) қўлларини бир-бирига уриб қарс чиқаришди.

- Эй Муҳаммад, - дейишди улар - Сен шунча илоҳларни битта илоҳга айлантирмоқчимисан?! Бу ишинг жуда ғалати-ку?

Сўнг ўзаро шундай дейишди:

- Аллоҳга қасамки, бу одам сизлар хоҳлаган нарсанинг биронтасига кўнмайди. Боринглар, оталарингиз динидан қолманглар. Сиз билан унинг ўртасида Алоҳнинг Ўзи ҳукм қилар!

Қавм тарқалди. Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятлари улар ҳақида нозил бўлди:

«Сод. Шаъну-шараф соҳиби бўлган Қуръонга қасамки, (албатта Қуръон илоҳий мўъжизадир ва албатта, Сиз, эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, Аллоҳнинг ҳақ Пайғамбаридирсиз). Балки кофир бўлган кимсалар (бу ҳақиқатни қабул қилишдан) кибру-ҳавода ва (Аллоҳ ва Пайғамбарга) мухолифликда собитдирлар. Биз улардан илгари ҳам қанча аср авлодни (иймонсизликлари сабабли) ҳалок қилганимизда улар (бошларига азоб тушганида ёрдам сўраб) нидо-илтижо қилганлар, (аммо бу вақт азобдан) қочиб қутулиш вақти эмас эди. (Макка мушриклари) уларга ўзларидан (яъни, башар авлодидан) бўлган бир огоҳлантирувчи - Пайғамбар келганидан ажабландилар ва у кофирлар дедилар: «Бу бир ёлғончи сеҳргардир. (Шунча) худоларни битта худо қилиб олибдими?! Ҳақиқатан, бу жуда қизиқ нарса!» Улардан катталари (бир-бирларига шундай дея тарқалиб) кетдилар: «Юринглар ва ўз худоларингизга (сиғинишда) қаноат қилинглар (яъни, устивор бўлинглар)! Албатта бу (яъни, «Ла илаҳа иллаллоҳ» дейиш билан бизлардан) исталадиган (талаб қилинадиган жуда катта) нарсадир. Бизлар бу ҳақда (яъни, Аллоҳнинг Якка-ю Ягона эканлиги ҳақида) сўнгги миллат-динда(ги одамлардан ҳам, яъни, Исломдан аввалги сўнгги дин бўлмиш Насроний динидаги одамлардан ҳам) эшитган эмасмиз. Бу фақат бир уйдирмадир, холос.» (Сод - 1-7).

 

МАҲЗУНЛИК ЙИЛИ

 

Абу Толибнинг вафоти

 

Абу Толибнинг дарди оғирлашиб, орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан вафот этди. Абу Толиб нубувватнинг ўнинчи йили Ражаб ойида - қамалдан чиққанидан сўнг олти ой ўтгач жон таслим қилди[4]. Баъзи муаррихлар Абу Толиб Хадижа розияллоҳу анҳо вафотидан уч кун олдин Рамазон ойида вафот этган, дейишади.

Имом Бухорий Мусаййибдан ривоят қилади: «Абу Толиб ўлим тўшагида ётганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ҳузурига кирдилар. Абу Толибнинг олдида Абу Жаҳл ҳам бор эди.

- Эй амаки, - дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам – «Ла илаҳа иллаллоҳ», денг, ана шу калимани Аллоҳ ҳузурида сиз учун ҳужжат қиламан.

- Эй Абу Толиб, - дейишди Абу Жаҳл билан Абдуллоҳ ибн Аби Умайя - Абдул Муттолиб динидан юз ўгирасанми?!

Бу иккиси тинмай гапираверганидан кейин Абу Толибнинг охирги айтган сўзи «Абдул Муттолиб динида» дейиш бўлди.

- Модомики қайтарилмас эканман, сиз учун мағфират сўрайвераман, - дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Шундан сўнг қуйидаги оятлар нозил бўлди:

«На Пайғамбар ва на мўминлар - агар мушриклар қариндошлари бўлса ҳам - уларнинг дўзах эгалари эканликлари аниқ маълум бўлганидан кейин, у мушриклар учун мағфират сўрашлари жоиз эмасдир.» (Тавба-113).

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам,) аниқки, Сиз ўзингиз суйган кишиларни ҳидоят қила олмассиз, лекин Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур.» (Қасос- 56)[5].

Абу Толибнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни нечоғлик авайлаб, нечоғлик ҳимоя қилгани ҳақида сўзлаш ортиқча! У Ислом даъвати учун катта-кичик мушрикларнинг ҳужумларидан тўсувчи бир қўрғон эди! Шундай бўлса-да, Абу Толиб оталарининг динида қолди ва саодат йўлини топмади.

Аббос ибн Абдул Муттолиб розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга деди: «Амакингизга қандай фойда бердингиз? Зеро у сизни ҳимоя қилар ва ёнингизни олар эди!» «У дўзахнинг саёз-юза бир ерида. Агар мен бўлмаганимда, дўзахнинг энг қаърида бўларди!» - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам[6].

«Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида Абу Толиб зикр қилинганида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Шояд қиёмат куни унга менинг шафоатим фойда берар ва у тўпиқларигача (дўзах ўти) етадиган дўзахнинг юза бир ерида қилинар!»[7]

 

Хадижа розияллоҳу анҳонинг вафоти

 

Абу Толиб вафотидан икки ой ёки уч кун вақт ўтгач – ривоятлар турлича келган, Уммул муъминин Хадижаи Кубро розияллоҳу анҳо ҳам вафот этди. Мўминларнинг онаси нубувватнинг ўнинчи йили рамазон ойида олтмиш беш ёшида Аллоҳ раҳматига риҳлат қилди. Ўшанда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёшлари элликда эди.

Хадижа бинти Хувайлид розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга берилган Аллоҳнинг улуғ неъматларидан бўлиб, чорак аср давомида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қийин кунларда меҳрибонликлар кўрсатиб, оғир соатларда далда бериб, рисолатни етказишларига кўмакчи бўлиб, жиҳоднинг аччиқ қурбонликларини бирга тотиб, у зотга моли-ю жони билан фидокорликлар кўрсатиб яшади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хадижа розияллоҳу анҳо ҳақида шундай деганлар: «Одамлар менга куфр келтирганида, у менга иймон келтирди. Одамлар мени ёлғончига чиқарганида у мени тасдиқлади. Одамлар мени (молларидан) маҳрум қилганида, Хадижа мени мол-давлатига шерик қилди. Аллоҳ менга ундан фарзанд берди, ўзга аёлдан фарзанд бермади.»[8]

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Жибрил Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб деди: «Ё Расулуллоҳ, ана, Хадижа келмоқда. Унинг қўлида бир идиш бор. Идишда нонўрак ёки таом ёхуд ичимлик бор. У олдингизга келганида, унга Раббидан салом айтинг ва жаннатдаги ичи ғовак марвариддан қурилган, унда на шовқин, на машаққат бўлмаган бир уй башоратини беринг.»[9]

 

Кетма-кет ғам қайғулар

 

Саноқли кунлар ичида ана шундай икки улкан мусибатни бошидан кечирган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қалблари ғам қайғу билан тўлди. Шундан кейин ҳам қавмларидан кетма-кет мусибатлар келиб турди. Абу Толиб вафотидан кейин Қурайш жуда ҳаддидан ошиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга очиқчасига озор-азиятлар бера бошлади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ғамлари зиёда бўлди. Қурайшдан бир яхшилик чиқишидан умидларини узган Пайғамбаримиз даъватга қулоқ солишларини ёхуд у кишига бошпана бериб қўллаб-қувватлашларини умид қилиб, Тоифга бордилар. Бироқ на ҳимоячи ва на кўмакчи топмасдан, қавмларидан кўрмаган азиятларни кўриб, озорлар чекиб қайтдилар.

Макка аҳли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга тажовуз қилганидек, саҳобаларга ҳам тазйиқни кучайтирди, ҳатто Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг меҳрибон йўлдошлари Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудек киши ҳам Маккани ташлаб чиқишга мажбур бўлди. Ҳабаш юртига йўл олган Абу Бакр Баркул-Ғимодга етганида Ибн Дуғунна уни ўз ҳимоясига олиб, орқасига қайтарди.

Ибн Исҳоқ ёзади: «Абу Толиб вафотидан кейин Қурайш унинг тириклигида хаёлига ҳам келтира олмайдиган озорларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга етказа бошлади. Ҳатто Қурайшнинг тентакларидан бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларига чиқиб, бошларидан тупроқ сочди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошларидаги тупроқ билан уйларига кириб келдилар. Қизларининг бири йиғлаб-йиғлаб отасининг бошини тупроқдан тозалаб ювишга тушди. «Эй қизалоғим, қўй, йиғлама, - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам - Аллоҳ отангни ҳимоя қилади. Абу Толиб вафот этгунга қадар Қурайш менга бирон кўнгилсизлик етказа олмаганди.»[10]

Бу йил мана шу каби аламлар кетма-кет келгани боис, «Маҳзунлик йили» деб аталди ва у тарихда ана шу ном билан қолди.

 

Савда розияллоҳу анҳога уйланишлари

 

Шу йили яъни, нубувватнинг ўнинчи санаси шаввол ойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳога уйландилар. Савда розияллоҳу анҳо анча олдин Исломни қабул қилганлардан бўлиб, Ҳабашистонга қилинган иккинчи ҳижратда қатнашган. Унинг эри Сакрон ибн Амр Исломни қабул қилиб, аёли билан бирга ҳижрат қилган ва Ҳабашистонда ёки Маккага қайтиб келгач, вафот этган. Савда розияллоҳу анҳонинг иддаси тугагач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга совчи қўйиб уйландилар. Савда розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Хадижа розияллоҳу анҳо вафотидан кейин биринчи олган ва охирги пайтларида ўз навбат кунини Оиша розияллоҳу анҳога берган аёлларидир[11].

 

САБР ВА МАТОНАТ ОМИЛЛАРИ

 

Ана шу кунлар тарихини яхши ўрганган ҳалим табиатли киши ҳайратда қолади, оқил инсонлар қалбида қуйидагича савол туғилади: Мусулмонларнинг бунчалар қаттиқ матонат, сабр-тоқат билан туришларига олиб борган омил ва сабаблар нима экан?! Эшитганда баданлар жимирлаб кетадиган, қалблар титроққа тушадиган бундай оғир қийноқларга, таъқиб ва тазйиқларга улар қандай сабр қилишди экан?! Қалбни ҳайратга солаётган ана шу саволлар қаршисида бироз тўхталиб, сабр ва матонат омиллари ҳақида қисқача сўз юритиб ўтамиз:

 

1. Аллоҳга бўлган иймон

Ҳеч шубҳасиз, бу масалада энг аввало бош ва асосий сабаб ёлғиз Аллоҳга иймон келтириб, Уни ҳақиқий таниш саналади. Зеро, қалблар чин иймон нури билан мунаввар бўлганида унинг салобати тоғлардан-да вазминроқ ва собитроқ бўлиб кетади. Ана шундай мустаҳкам иймон ва қатъий ишонч эгаси дунё ғам-ташвишлари қанчалик кўпайиб, тўлиб-тошиб, улканлашиб, оғирлашмасин, - иймони туфайли - уларни мустаҳкам тўғон ва метин қалъаларни бузмоқчи бўлиб келган селнинг юзидаги хас-чўпларчалик кўради. У топаётган иймон ҳаловати, мусулмонликнинг таровати ва мустаҳкам ишончнинг қаршисида дунёнинг ҳар қандай ғам-ташвишлари ана шундай беэътибор нарсага айланади: «(Сел бетида келган) Кўпик-чиқинди ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетур. Одамларга фойдали бўлган нарса эса ер юзида қолур.» (Раъд-17).

Ана шу ягона сабабдан иймон эгасининг сабр ва саботини янада кучайтирадиган бошқа сабаблар бўлиниб чиқади.

 

2. Кўнгилларни асир этган раҳнамолик

Нафақат Ислом умматининг, балки бутун башариятнинг олий раҳнамоси бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам қалбларни ром қиладиган, жонлар унинг йўлида фидокор бўладиган мислсиз сифатлар, олий хислатлар ва гўзал аҳлоқлар соҳиби эдилар. Кишиларни мафтун этувчи бундай камолот ул зотдан бошқа ҳеч кимга берилмаган. Шараф, улуғлик, яхшилик, фазилат, иффат, омонатдорлик ва ростгўйлик каби сифатлар, умуман барча яхши хислатлар у кишида ўзининг энг олий кўринишида мужассам эди. Бу борада дўстлари ва мухлислари у ёқда турсин, ҳатто душманлари ҳам шубҳа қилмасди. Улар ҳаммаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оғизларидан чиққан ҳар бир сўзнинг аниқ рост эканлигига ич-ичларидан ишонишарди.

Қурайшнинг уч кишиси жамланиб қолди. Улар бир-биридан яшириб Қуръон тиловатига қулоқ солишган эди. Гап орасида бу сирлари маълум бўлиб қолгач, уларнинг бири иккинчисидан - Абу Жаҳлдан сўради:

- Муҳаммаддан эшитган нарсанг ҳақида қандай фикрдасан?

- Мен нимани эшитибман?! Биз Бану Абдуманоф билан шараф талашдик. Улар таом едиришди, биз ҳам едирдик. Улар қийналганларга ёрдам беришди, биз ҳам ёрдам бердик. Улар саховат кўрсатишди, биз ҳам саховат кўрсатдик. Қачонки, бу жараёнда тенглашиб, худди бир аравани тортаётган икки от каби баб-баробар бўлиб қолганимизда улар: «Биздан пайғамбар чиқди, унга самодан ваҳий келмоқда», дейишди. Энди бунга қандай қилиб эриша оламиз?! Аллоҳга қасамки, ҳеч қачон унга иймон келтирмаймиз ва уни тасдиқламаймиз, - деди Абу Жаҳл.

Абу Жаҳл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтарди: «Эй Муҳаммад, биз сени ёлғончига чиқараётганимиз йўқ, балки сен олиб келган нарсани ёлғон деяпмиз.» Ўшанда Аллоҳ таоло қуйидаги оятни нозил қилди: «Зотан, улар Сизни ёлғончи қилмайдилар, балки бу золимлар Аллоҳнинг оятларини инкор қиладилар.» (Анъом-33)[12].

Бир куни мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни уч марта масхаралашди. Учинчи мартасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Қурайш жамоаси, мен сизларга сўйилиш-ўлим олиб келдим!», дедилар. Бу сўз уларга жуда қаттиқ таъсир қилди. Энг ашаддий душманлар ҳам имкон қадар яхши гапириб, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўнгилларини олишга тушди.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам сажда қилганларида мушриклар У зотнинг устиларига сўйилган туянинг бачадонини ташлашди. Пайғамбаримиз уларни дуоибад қилдилар. Шунда мушрикларнинг қаҳқаҳалари ўчиб, ғамгин бўлиб саросимага тушиб қолишди ва ўзларининг аниқ ҳалок бўлишларига барчалари ишонишди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Утба ибн Аби Лаҳабни дуоибад қилганларида, бу мушрик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дуоибадлари унга тегишига асло шубҳа қилмаган. Утба Шом ерида шерни кўриши билан: «Аллоҳга қасамки, Муҳаммад мени Маккада туриб ўлдирди», деган эди.

Убай ибн Халаф Пайғамбаримизга ўлдираман, деб таҳдид қиларди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аксинча, иншааллоҳ, мен сени ўлдираман» дедилар. Уҳуд куни Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Убайни бўйнидан жароҳатладилар. Унинг бўйни тирналгандек жароҳат олган эди, холос. Ўшанда Убай шундай деди: Муҳаммад Маккада менга «Мен сени ўлдираман» деган эди. Аллоҳга қасамки, агар у туфлаганида ҳам мени ўлдирган бўларди. (Убайнинг ҳалок бўлиши тафсилоти иншааллоҳ, ўз ўрнида батафсил баён қилинади.)

Саъд ибн Муоз Маккада Умайя ибн Халафга шундай деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мусулмонлар Умайяни ўлдиради, деганларини эшитдим.» Шунда Умайя қаттиқ қўрқиб кетди ва Маккадан чиқмасликка аҳд қилди. Бадр куни Абу Жаҳл уни қаттиқ қистовга олди ва эй Умайя, сен Водий аҳлининг саййидисан, биз билан бир ё икки кун бирга юр, акс ҳолда водийликлар биз билан бирга чиқмайдилар, деди. Унинг қистови билан юришга отланар экан, қочишга қулай бўлсин, деб Маккадаги энг югурик туяни сотиб олди.

- Эй Абу Сафвон, - деди унга хотини - Сиз ясриблик биродарингизнинг нималар деганини унутдингизми?

- Йўқ, - деди Умайя - Аллоҳга қасамки, мен улар билан бормоқчимасман. Озгина юраман, холос.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам душманларининг аҳволи шунақа эди. Энди асҳоблари - содиқ ёрлари хусусига келсак, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам улар учун ўз жонларидан-да азиз, қалбларидан-да яқин, кўзларидан-да ардоқли эди. Улар сув қияликдан оққандай Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга талпинишарди. Мўминлар бамисоли темир оҳанрабога тортилгандек Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам томон тортилиб-интилиб туришарди.

Асҳоби киромлар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни шу қадар қаттиқ яхши кўрардилар-ки, улар учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бир тикон кириши ёки бирон жойларининг шилинишидан кўра ўзларининг бошлари янчилгани афзалроқ эди.

«Бир куни Маккада мушриклар Абу Бакр ибн Аби Қуҳофа розияллоҳу анҳуни ўртага олиб, қаттиқ калтаклашди. Утба ибн Рабийъа Абу Бакр розияллоҳу анҳуни чипта ковушлари билан урар ва уларни Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг юзларига ишқар, унинг қорнига чиқиб сакрар эди, ҳатто Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг юзини таниб бўлмай қолди. Бану Тайм Сиддиқ розияллоҳу анҳуни бир матога солиб уйига кўтариб келишди. Улар Абу Бакрнинг ўлганига шубҳа қилишмасди. Фақат кечга бориб Сиддиқ розияллоҳу анҳу тилга кирди ва унинг биринчи гапи «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нима қилди?», деган савол бўлди. Қавми Абу Бакрга қаттиқ таъна-дашномлар бериб, сўнг онаси Уммул Хайрга «Унга қараб туринг, бирон нарса едириб-ичиринг», деб тайинлашди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу онасининг парваришида холи қолгач, яна «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нима бўлди?» деб сўрай бошлади.

- Аллоҳга қасамки, соҳибингдан сира хабарим йўқ,- деди онаси.

- Сиз Умму Жамил бинти Хаттобнинг олдига бориб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақида сўранг.

Абу Бакрнинг онаси ўғлининг талабига кўра Умму Жамил бинти Хаттобнинг олдига келди.

- Абу Бакр сиздан Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ҳақида сўраяпти?

- Мен Абу Бакрни ҳам, Муҳаммад ибн Абдуллоҳни ҳам танимайман. Истасангиз, сиз билан бирга ўғлингизнинг ёнига ўзим боришим мумкин.

- Хўп, - деди Уммул Хайр.

Улар Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг олдига келишганида, Сиддиқ оғир аҳволда тўшакка михланиб ётарди. Умму Жамил Абу Бакрнинг ёнига келиб қичқириб юборди:

- Аллоҳга қасамки, сизни бу аҳволга солган қавм фосиқ ва кофир кимсалардир. Аллоҳнинг Ўзи сиз учун улардан интиқом олсин!

- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нима бўлди? - сўради Абу Бакр.

- Ахир, онангиз эшитиб турибди-ку?!

- Онамдан хавотир олманг.

- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам соғ-саломатлар.

- Қаердалар?

- Ибн Арқамнинг ҳовлисидалар.

- Аллоҳни ўртага қўйиб айтаманки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига бормагунимча емайман ҳам, ичмайман ҳам.

Умму Жамил билан Уммул Хайр Абу Бакрни бир оз сабр қилишга чақиришди. Ҳамма ёқ тинчиб одамлар уйларига кириб кетгач, Абу Бакрни икки қўлтиғидан суяб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига олиб боришди.»[13]

Саҳобаларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган чин муҳаббатлари ва фидоийликларининг нодир намуналари билан иншааллоҳ, ўз ўрнида батафсил танишамиз. Ҳали олдинда Уҳуд воқеаси, Хубайб қиссаси ва бошқалар турибди.

 

3. Масъулиятни ҳис қилиш

Башарият зиммасига нақадар улкан оғир масъулият юкланганини, бу масъулиятдан ҳеч қачон юз ўгириш ёки ўзни четга тортиш мумкин эмаслигини саҳобалар жуда чуқур ҳис қилардилар. Мазкур масъулиятни зиммага олишдан қочмоқ улар бошидан кечираётган тазйиқ ва таъқибга қараганда оғирроқ ҳамда ёмонроқ оқибатларга олиб боришини, агар масъулиятдан қочиладиган бўлса, бугун масъулиятни зиммага олганликлари туфайли дуч келаётган қийинчиликлари у кунда нафақат уларнинг, балки бутун башариятнинг бошига тушадиган улкан йўқотиш олдида ҳеч нарса бўлиб қолишини ҳеч ким саҳобаларчалик яхши ҳис қилмаган.

 

4. Охиратга ишониш

Мазкур иймон масъулият туйғусини янада кучайтиради. Саҳобалар бутун оламлар Раббининг ҳузурида туриб, катта-ю кичик барча ишларига жавоб беришларини, оқибат абадий неъмат ёки жаҳанам оташида мангу азоб бўлишини аниқ билардилар ва ишонардилар. Уларнинг ҳаётлари хавф-у ражо яъни қўрқув ва умид ўртасида кечарди: Раббиларининг азобидан қўрқиб ва айни пайтда Унинг раҳматидан умидвор бўлиб яшардилар. Улар «(Қиёмат кунида ҳисоб-китоб учун) Раббиларига қайтувчи эканликларидан диллари қўрқиб турган ҳолда (камбағал-бечораларга) садақалар берадиган кишилар» эдилар. (Мўминун: 60). Саҳобалар дунё ўзининг барча лаззатлари-ю азоблари билан охират қаршисида пашша қанотичалик ҳам қадрга эга эмаслигини яхши билардилар. Шунинг учун ҳам дунё машаққатлари, қийинчиликлари ва оғриқ-аламлари уларга анча енгил эди. Асҳоби киромлар ўткинчи дунёнинг ўткинчи мусибатларига бир ўткинчидек муносабатда бўлиб, уларга кўп эътибор бермасдилар.

 

5. Қуръон

Ана шундай оғир, даҳшатли ва зулматли даврда даъватнинг ҳақиқий маъноси бўлган Ислом асосларининг ҳақлигига гўзал услублар билан ҳужжат-далиллар келтириб оятлар нозил бўларди. Ушбу оятлар ва суралар дунёдаги энг чиройли ва мисли кўрилмаган инсонлар жамиятига пойдевор бўлиши тақдир этиб қўйилган асосларни мўминларга тушунтириб, уларни сабр ва саботга чақириб ажойиб мисоллар келтирар ва унинг тагида қандай ҳикматлар борлигини баён қилар эди:

«Ёки (эй мўминлар), сизлардан илгари ўтган зотлар мисоли - ибрати сизларга келмай туриб жаннатга киришни ўйладингизми? Уларга бало ва мусибатлар (устма-уст) келиб, шундай ларзага тушган эдиларки, ҳатто Пайғамбар ва иймонли кишилар: «Ахир қачон Аллоҳнинг ёрдами келади?» дейишган эди. (Шунда уларга бундай жавоб бўлган эди:) «Огоҳ бўлингизким, Аллоҳнинг ёрдами яқиндир.» (Бақара - 214).

«Алиф, Лам, Мим. Одамлар: «Иймон келтирдик», дейишлари билангина, имтиҳон қилинмаган ҳолларида, қўйиб қўйилишларини ўйладиларми?! Ҳолбуки, Биз улардан аввалги (иймон келтирган барча) кишиларни имтиҳон қилган эдик-ку!! Бас, (шу имтиҳон воситасида) албатта Аллоҳ («Иймон келтирдик», деб) рост сўзлаган кишиларни ҳам, ёлғончи кимсаларни ҳам аниқ билур.» (Анкабут-1-3).

Мазкур оятлар саркаш кофирларга ҳеч қандай ҳийла-йўл қолдирмайдиган, инкор қилиб бўлмас кучли раддиялар билан келди. Аллоҳ таолонинг Ўз дўстлари ва душманлари билан қандай муносабатда бўлишига далолат қилувчи тарихий ҳодисалар ҳамда ўтган ибратли кунларни далил қилиб туриб, агар мушриклар ана шу залолат ва саркашликларида қотиб тураверсалар уларни нечоғлик ёмон оқибатлар кутиб турганлиги ҳақида очиқ-равшан сўз юритади. Қуръони Карим мушрикларнинг очиқ залолатдан қайтишлари учун уларга яна бир бор лутфан мурожаат қилади ва жуда етук суратда ҳақни баён этиб, комил тарзда тушунтириб беради.

Аллоҳ каломи мўминларни ўзга бир оламга олиб киради. Борлиқнинг ажиб манзараларини, рубубиятнинг гўзал жамолини, улуҳиятнинг камолини, раҳмат ва хайрнинг очиқ-ойдин кўриниб турган изларини ва Аллоҳ ризолигининг жилоларини кўрган солиҳ зотлар унга шу қадар интиқлик билан талпинадилар-ки, бу муҳаббат оқими қаршисида ҳеч қандай тўғон туриш беролмайди!

Ана шу оятлар ичида мўминларга хитоблар бор: Раббилари уларга Ўз раҳмати ва ризолигининг, абадий неъматлар макони бўлмиш жаннатларнинг хушхабарини беради. Ҳукмга тортиладиган, ҳасратда қоладиган, сўнгра юз тубан ҳолда дўзахга судралиб, «Жаҳанам азобини тотинглар!», дейиладиган золим, кофир тоғутлардан иборат душманларининг сурати чизиб берилади.

 

6. Муваффақият ва нусрат башоратлари

Саҳобалар тазйиқ ва таъқибга учраган биринчи кунлариданоқ, балки ундан-да олдинроқ Исломга киришнинг маъноси фақат мусибатлар чекиб, ўлим топмоқ эмаслигини яхши билишарди. Зеро, Ислом даъвати ўзининг илк кунларидан кўр жоҳилият ва унинг баттол низомини йўқотиб, ерда ўз нуфузини ўтказиш ва сиёсий оламга раҳбарлик қилишни мақсад қилган эди. Токи бутун инсониятни - башарий жамиятни Аллоҳ ризолиги сари бошлаш ва уларни инсонларга ибодат қилишдан Аллоҳ ибодатига олиб чиқилсин.

Қуръон гоҳ ошкора, гоҳ ишоралар орқали ана шундай башоратларни олиб келарди. Ер юзини мусулмонларга тор қилиб, мўмин бандаларни бўғиб, жонларини суғуриб олай деб турган шундай ҳалокатли кунларда илоҳий оятлар аввалги пайғамбарлар билан уларни ёлғонга чиқарган кофир қавмлари ўртасида нималар бўлиб ўтганини ҳикоя қиларди. Мазкур оятларда зикр қилинган ҳолатлар Макка мусулмонлари билан кофирлари ўртасидаги ҳолатга жуда-жуда ўхшарди. Сўнг ояти карималар ана шу ҳолатларнинг якуни - кофир ва золим кимсаларнинг ҳалок қилиниб, Аллоҳнинг ери Унинг мўмин бандаларига берилишини эълон қиларди. Мазкур қиссаларда келажакда Макка мушрикларини шармандали мағлубият, мўминларни эса нажот - Ислом даъватининг ғалабаси кутаётганига ишоралар бор эди.

Худди шу кунларда мўминларнинг ғолиб бўлиши ҳақидаги башоратни Илоҳий оятлар очиқ-равшан айтди:

«Аниқки, Бизнинг пайғамбар бўлган бандаларимиз ҳақида: «Шак-шубҳасиз, улар қўллаб-қувватланувчилардир ва шак-шубҳасиз, Бизнинг қўшинимиз (яъни, пайғамбарлар ва уларга иймон келтирган кишилар) ғолиб бўлувчилардир,» деган Сўзимиз ўтган-собит бўлгандир. Бас, (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам,) Сиз улардан (яъни, Макка кофирларидан маълум) бир вақтгача юз ўгиринг! Ва уларни (яқинда мағлуб бўлганларида) кўринг! Бас, яқинда улар (куфрларининг оқибатини) кўражаклар! Ҳали улар Бизнинг азобимизни шоштирмоқдамилар?! Бас, қачон (Бизнинг азобимиз) уларнинг ҳовлиларига (яъни, устларига) тушганида ўша огоҳлантирилган кимсаларнинг кунлари жуда ёмон бўлур.» (Вас-Соффат: 171-177 ).

«Яқинда ўша жамоат енгилиб, ортларига қараб қочиб қолурлар.» (Қамар: 45).

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, Макка мушриклари) ўша ернинг ўзида енгилиб битувчи ҳизблардан-фирқалардан бир тўдадир, холос, (бас, Сиз улар айтаётган беҳуда сўзларга парво ҳам қилманг!)». (Сод: 11).

Ҳабашистонга ҳижрат қилганлар хусусида қуйидаги оятлар нозил бўлди:

«Зулму қийноқларга дучор бўлганларидан сўнг, Аллоҳ Йўлида ҳижрат қилган зотларни албатта бу дунёда ҳам гўзал (гўшаларга) жойлаштирурмиз. Энди Охират ажри-мукофоти янада каттароқ эканини (одамлар) билсалар эди!» (Наҳл-41).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Юсуф ҳақида сўрашди. Аллоҳ таоло Юсуф алайҳис-салом қиссасини баён қилиб, жумладан шундай деди:

«Дарҳақиқат, Юсуф ва унинг оға-инилари (ҳақидаги қисса)да сўровчилар учун оят-ибратлар бордир.» (Юсуф: 7).

Сўровчилар, яъни, Макка аҳли ҳам худди Юсуфнинг оға-инилари каби оқибатда ҳасрат чекиб, бўйсунишга мажбур бўладилар.

«Куфр йўлини тутган кимсалар ўзларига келган пайғамбарларга: «Албатта биз сизларни еримиздан ҳайдаб чиқарамиз ёки сизлар бизнинг динимизга қайтасизлар», дедилар. Шунда Парвардигорлари уларга (яъни, пайғамбарларга) «Албатта Биз бу золимларни ҳалок қиламиз ва улардан сўнг шу ерни сизлар учун маскан қиламиз. Бу (ваъда Қиёмат кунида) Менинг ҳузуримда (сўроқ-савол бериб) туришдан қурқувчи ва Менинг (кофирларни дўзахга гирифтор қилиш хусусидаги) ваъдамдан хавф қилувчи кишилар учундир», деб ваҳий юборди.» (Иброҳим: 13,14).

Форслар билан румликлар урушганида кофирлар мушрик бўлгани учун форсларнинг ғалаба қозонишини, мусулмонлар эса ваҳийга, илоҳий китобларга ва охират кунига иймон келтирадиган румликларнинг ғалаба қозонишини исташарди. Дастлаб форслар ғалаба қозонишди. Аллоҳ таоло бир неча йилдан кейин румликларнинг ғалаба қозониши ҳақида хабар берди. Бу башорат фақат румликларнинг ғалабаси ҳақидагина эмас, балки яна бир башорат - Аллоҳ таолонинг мўминларга нусрат бериши хусусида ҳам эди: «Ўша кунда мўминлар Аллоҳ ғолиб қилгани сабабли шодланурлар.» (Рум: 4, 5).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам Аллоҳ марҳамати билан ана шундай башоратлар берар эдилар. Ҳаж мавсумида, Укоз, Мажанна, Зул-мажоз каби бозорларда одамларга рисолатни етказар эканлар, уларга нафақат жаннат башоратини берардилар, балки қуйидаги ҳақиқатни ҳам баралла айтардилар: «Эй одамлар, «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ», деб айтинглар, нажот топасизлар. Шу сўз билан арабларга ҳоким бўласизлар ва ажам сизларга бўйсунади. Агар иймон келтирсангизлар, жаннатда подшоҳлар бўласиз...»[14]

Биз Утба ибн Рабиъанинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан музокара қилиб, У зотга дунё матоларини таклиф этганида Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг унга нима деб жавоб қайтарганларини ва Утбанинг Исломнинг ғалабаси ҳақида умид қилиб қолгани ҳақида юқорида айтиб ўтган эдик.

Шунингдек, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Абу Толиб ҳузурига келган Қурайшнинг охирги вакилларига нима деб жавоб берганларини бир эсланг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қурайшдан бир сўз талаб қилдилар ва шу биргина сўз билан уларнинг арабу-ажам устидан ҳоким бўлишларига ваъда бердилар.

«Хаббоб ибн Арат розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Каъбанинг соясида чопонларини ёзиб устида ётар эканлар, у кишининг ёнларига бордим. Мушриклар томонидан қаттиқ машаққатлар кўргандик. «Аллоҳга дуо қилмайсизми?» дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юзлари қизариб, ўтириб олдилар: «Сизлардан аввал ўтганлардан бир кишининг гўшти аралаш терисини темир тароқ билан суягига қадар тарашар, бу нарса уни динидан қайтаролмасди. Аллоҳ албатта ушбу ишни камолига етказади, ана шунда отлиқ одам Санъодан Хазрамавтгача ҳеч нарсадан қўрқмасдан боради, фақат ёлғиз Аллоҳдангина қўрқади ва қўйларини ўйлаб бўридангина хавфсирайди, холос.»[15] Яна бир ривоятда: «Лекин сизлар шошилаяпсизлар» дедилар[16].

Мазкур башоратлар махфий бўлмасдан, балки ҳаммага маълум ва машҳур эди. Улардан мушриклар ҳам яхши хабардор бўлишган. Шунинг учун Асвад ибн Муттолиб ўзининг ҳамтовоқлари билан ўтирганида саҳобаларни кўриб қолишса, пичинг қилиб «Ҳузурингизга ер юзининг шоҳлари келди, улар ҳали Кисро ва Қайсар шоҳлигини мағлуб қилишади» дейишарди-да, ҳуштак ва қарсаклар чалардилар.

Ҳаёти дунёдаги ана шундай нурли ва гўзал келажак башоратлари олдида, пировардида жаннатга эришиш ҳақидаги улуғ ва яхши умид қаршисида саҳобаларни чор атрофдан қуршаб олган мусибатлар, бошларига кетма-кет ёғилаётган қийноқлар уларнинг кўзига «бир зумда тарқалиб кетадиган ёз булути» бўлиб кўринар эди.

Айни пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларнинг руҳларини иймон озуқаси билан тўйдириб, нафсларини ҳикмат ва Қуръон таълими билан поклаб, уларга нозик ва чуқур тарбия берардилар. Асҳобларини руҳнинг олий манзилатлари, қалбнинг мусаффолиги, хулқнинг покизалиги, моддият сиқувидан озод бўлиш, шаҳват хоҳишларига қарши кураша олиш ва осмонлару ер Раббига қул бўлиш сари бошлардилар. Уларнинг қалбларидаги иймон ўтини алангалатиб, зулматлардан нурга олиб чиқиб, озорларга сабр қилишга, кечиримли бўлишга ва нафсни жиловлаб олишга ўргатардилар. Натижада саҳобалар динда янада мустаҳкам, шаҳватлардан узоқ юрадиган, Аллоҳ розилиги йўлида жонини берадиган, жаннатга муштоқ, илмга муҳаббат қўядиган, динни тугал тушунадиган, ўзларини ҳисоб-китоб қилиб турадиган, ҳавойи-хоҳишларини жиловлаб, ҳис-туйғуларига эрк бермайдиган, ҳаяжон ва туғёнларини босиб оладиган сабр, сокинлик ва виқор билан ажралиб турадиган чин мўминларга айланишди.



[1] Қаранг: Саҳиҳул Бухорий, Фатҳ: 3/529 (1589, 1590, 3882, 4284, 4285, 7479- ҳадислар), Зодул-маъод: 2/46.

[2] Бунга далил - Абу Толиб зулм саҳифаси йиртиб ташлангандан кейин олти ой ўтгач, вафот этган. Саҳиҳ қавлга кўра, Абу Толиб Ражаб ойида жон таслим қилган. Абу Толиб Рамазонда ўлган, деювчилар у зулм саҳифаси йиртилгач, саккиз ой-у бир неча кундан сўнг вафот этган, дейишади.

[3] Мазкур воқеа тафсилотини Саҳиҳул Бухорий: 1/216, 1/548, Зодул-маъод: 2/46, Ибн Ҳишом: 1/ 350, 351, 374, 377 ва бошқа манбалардан жамладик.

[4] Абдуллоҳ Наждий, Мухтасар ас-сийра: 111-б.

[5] Саҳиҳул Бухорий: «Абу Толиб қиссаси» боби 1/548.

[6] Саҳиҳул Бухорий: «Абу Толиб қиссаси» боби 1/548.

[7] Саҳиҳул Бухорий: «Абу Толиб қиссаси» боби 1/548.

[8] Имом Аҳмад, Муснад: 6/118.

[9] Саҳиҳул Бухорий: «Хадижага уйланишлари ва унинг фазилатлари» боби 1/539.

[10] Ибн Ҳишом: 1/416.

[11] Талқиҳу фуҳуми аҳлил-асар: 10-б.

[12] Имом Термизий Анъом сураси тафсирида ривоят қилган, 5/243 (3064-ҳ).

[13] Ибн Ҳишом: 2/84.

[14] Ибн Саъд: 1/216.

[15] Саҳиҳул Бухорий: 1/543.

[16] Саҳиҳул Бухорий: 1/510.


Qayd etilgan


lolo  24 Noyabr 2009, 05:46:49

УЧИНЧИ БОСҚИЧ

 

ИСЛОМ ДАЪВАТИ МАККА ТАШҚАРИСИДА

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Тоифда

 

Нубувватнинг ўнинчи йили шаввол ойида (милодий 619-йилнинг май ойи охирлари ёки июн ойининг бошларида) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Тоифга бордилар. Тоиф Маккадан олтмиш милча узоқликда жойлашган. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам озод қилган қуллари Зайд ибн Ҳориса билан ана шунча масофага пиёда бориб қайтдилар. Йўлда қайси қабила манзилидан ўтсалар, уларни Исломга даъват қилардилар. Бироқ бу даъватга жавоб берувчи топилмади.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Тоифга кириб Сақиф қабиласининг улуғларидан бўлмиш уч оға-ини билан учрашдилар. Улар Амр ибн Умайр ас-Сақафийнинг Абдуёлил, Масъуд ва Ҳабиб исмли уч ўғли эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улар билан ўтириб, бу кимсаларни Аллоҳга ва Ислом хизматига чақирдилар.

- Агар сени Аллоҳ жўнатган бўлса, Каъбанинг пўшини парча-парча қилиб йиртиб ташлайман, - деди уларнинг бири.

- Аллоҳ сендан бошқани топмабдими? - деди иккичиси.

- Аллоҳга қасамки, сен билан асло гаплашмайман. Агар чиндан Пайғамбар бўлсанг, сенга бир гап қайтармоқ хатарли. Агар Аллоҳнинг номидан ёлғон гапираётган бўлсанг, сен билан гаплашишимнинг ҳожати йўқ, - деб жавоб берди учинчиси.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Қилар ишни қилдингиз, энди менинг хабаримни сир тутинглар», деб уларнинг олдидан қўзғалдилар. Сўнг Тоифда ўн кун туриб, шаҳарнинг барча таниқли кишилари билан учрашиб, гаплашиб чиқдилар. Улар: «Бизнинг еримиздан чиқиб кет» дейишди ва нодон-паст кимсаларини у зотга қарши қайрашди. Росулулоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Тоифдан жўнаб кетаётганларида ўша жоҳиллар ва қуллар у зотнинг ортларидан эргашиб, ҳақоратлар қилиб, қичқиришга тушдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам атрофларига одам йиғилди. Улар икки қаторга бўлиниб, у зотни тошга тутдилар, ҳақоратлар қилишди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оёқларини тош билан уриб қонатдилар, ҳатто оёқ кийимлари қонга бўялди. Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўзининг гавдаси билан тўсарди. Зайд розияллоҳу анҳунинг боши бир неча жойидан ёрилди. Ярамас кимсалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни Тоифдан уч мил узоқликдаги Утба ва Шайба ибн Рабиъаларнинг боғ-қўрғонигача шу тариқа таъқиб қилиб бориб, У зотни қўрғонга киришга мажбур қилишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўрғонга кирганларидан кейингина улар ортларига қайтиб кетишди. Пайғамбаримиз бир узум дарахтининг соясига келиб ўтирдилар. Деворга суяниб тин олиб ўтирганларида, ўзларининг машҳур дуоларини айтдилар. Бу дуо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг озор-азиятлардан диллари нечоғлик оғриганини, бирон кимсанинг иймон келтирмаганидан қанчалар афсус қилганларини кўрсатиб беради.

- Эй Аллоҳим! - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам - Қувватимнинг заифлигидан, чора-тадбиримнинг камлигидан ва одамларга хор бўлганимдан Сенга шикоятлар қиламан. Эй Меҳрибонларнинг Меҳрибони, сен заифларнинг Хожасисан, Сен Роббимсан, мени кимларга ташлаб қўйдинг?! Мени нохуш қаршилайдиган бегоналарга қолдирдингми? Ёки ишимни душманимга топшириб қўйдингми? Менга Сен ғазаб қилмасанг, бас, парво қилмасман, лекин Сенинг офиятинг мен учун кенг-мўл-ку!! Зулматларни ёритган, дунё ва охират ишини ислоҳ қилган Юзингнинг Нури билан менга ғазабинг тушишидан ёхуд норизолигинг нозил бўлишидан паноҳ сўрайман. Рози бўлгунингга қадар танбеҳинг устимгадир. Куч ҳам, қувват ҳам фақат Сенинг биландир.»

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳолатларини кўриб, Утба ва Шайба ибн Рабиъаларнинг қариндошликлари ҳаракатга келиб, Аддос исмли насроний қулини чақиришди ва унга «Бир бош узум олиб анави кишига обориб бер» дейишди. Аддос Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига узумни қўйгач, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Бисмиллаҳ» деб қўл чўзиб ея бошладилар.

- Ушбу сўзни бу юрт аҳли айтмайди, - ажабланди Аддос.

- Сен қаерликсан, дининг нима? - сўрадилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам

- Мен насронийман, Найнаво аҳлиданман.

- Юнус ибн Матто исмли солиҳ киши юртиданми?

- Сиз Юнус ибн Маттони қаердан биласиз?

- У менинг оғам. У пайғамбар бўлган, мен ҳам пайғамбарман.

Шунда Аддос Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бошларидан, қўлларидан ва оёқларидан ўпишга тушди. Рабиъанинг икки ўғлидан бири иккинчисига шундай деди:

- У ғуломингни ҳам йўлдан урди.

Аддос келгач, «Ҳой қуриб кетгур, бу нима қилганинг?» деб сўрашди.

- Эй саййидларим, ер юзида мана шу инсондан хайрлироқ ҳеч нарса йўқ. У менга фақат пайғамбаргина билиши мумкин бўлган бир ишни айтди.

- Ҳой қуриб кетгур Аддос, у сени динингдан айнитмасин. Сенинг дининг унинг динидан яхшироқ, - дейишди Рабиъанинг ўғиллари.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўрғондан чиққанларидан кейин маҳзун бўлиб, ғамга тўлиб синиқ қалб билан Макка йўлидан қайтдилар. Қорнул-Манозилга етганларида Аллоҳ таоло Жибрил алайҳис-саломни жўнатди. Жибрилнинг ёнида Малакул Жибал (тоғлар фариштаси) ҳам бор эди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Макка аҳли устига икки тоғни ёпиб ташлашга изн сўради.

Имом Бухорий Оиша розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Бошингизга Уҳуд кунидан-да оғирроқ кун келганми?» деб сўрадим. «Қавмингдан кўрадиганимни кўрганман. Улардан кўрганларим ичида энг қаттиғи Ақаба кунида бўлди. Мен ўзимни қилишларини Ибн Абдиёлил ибн Абду Кулолга таклиф қилдим. Улар мен истаган нарсага жавоб бермадилар. Ғамга тўлиб йўлимга кетдим. Ўзимга келсам, Қорнус-Саолибда (яъни, Қорнул-Манозилда) эканман. Бошимни кўтарсам, бир булут устимга соя ташлаб турибди. Қарасам, унда Жибрил бор. Жибрил менга нидо қилиб шундай деди: «Аллоҳ таоло қавмингизнинг сизга айтган сўзини ва берган жавобини эшитди. Аллоҳ улар хусусида истаган нарсангизни буюришингиз учун сизнинг ҳузурингизга Малакул Жибални жўнатди.» Малакул Жибал ҳам менга нидо қилиб салом берди, сўнг деди: «Эй Муҳаммад, худди шундай. Нима истайсиз? Истасангиз, уларнинг устига икки ахшабни - Макканинг бир-бирига қараб турган Абу Қубайс ва Қуайқион номли икки тоғини - қоплаб қўяман.» «Аллоҳ азза ва жалла уларнинг пушти камарларидан ёлғиз Аллоҳ азза ва жалланинг Ўзига ибодат қилиб, Унга ҳеч нарсани шерик қилмайдиган кишиларни чиқаришини умид қиламан», дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам.»[1]

Ана шу улуғ жавобда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг улуғ шахсиятлари, туби кўринмайдиган улуғ хулқлари ўз ифодасини топган.

Аллоҳ таолонинг етти осмон тепасидан туриб қилган мана шундай ғайбий марҳаматидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларига келиб хотиржам тортдилар. Сўнг Макка йўлига тушиб, Нахла водийсига келдилар ва шу ерда бир неча кун турдилар. Нахла водийсида яшаса бўладиган сув ва ҳосилдор ерли икки жой - Сайлул Кабир ва Займа бор. Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг айнан қаерда турганликлари ҳақида манбаларда ҳеч нарса топмадик.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Нахла водийсида эканларида Аллоҳ таоло у кишининг ҳузурига бир гуруҳ жинларни жўнатди. Бу воқеа Қуръоннинг икки жойида зикр қилинган:

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам,) эсланг, Биз Сизнинг олдингизга бир гуруҳ жинларни Қуръон тингласинлар, деб юборган эдик. Бас, қачонки улар (Қуръон тиловатига) ҳозир бўлишгач, (бир-бирларига): «Жим туринглар», дедилар. Энди қачонки (тиловат) тугатилгач, улар ўз қавмлари олдига огоҳлантирувчи бўлган ҳолларида қайтиб кетдилар. Улар дедилар: «Эй қавмимиз, дарҳақиқат, бизлар Мусодан кейин нозил қилинган, ўзидан олдинги (Илоҳий Китоб)ларни тасдиқ қилувчи бўлган, Ҳақ (дин)га ва Тўғри Йўлга ҳидоят қиладиган бир Китобни - Қуръонни тингладик. Эй қавмимиз, Аллоҳга даъват қилувчи (Муҳамад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даъватини) қабул қилинглар ва унга иймон келтиринглар, (шунда Аллоҳ) сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қилур ва сизларга аламли азобдан паноҳ берур» (Аҳқоф: 29-31).

«(Эй Муҳамад соллаллоҳу алайҳи ва саллам,) айтинг: «Менга ваҳий қилиндики, жинлардан бир гуруҳи (менинг Қуръон тиловат қилганимни) эшитишиб, (ўз қавмларига қайтиб боришгач,) дедилар: «Дарҳақиқат, бизлар Ҳақ Йўлга ҳидоят қиладиган бир ажиб Қуръонни эшитдик ва дарҳол унга иймон келтирдик. Бизлар (энди) Парвардигоримизга бирон нарсани шерик қилмасмиз» (Жин: 1-25-оятлар).

Оятлар сиёқидан, шунингдек, мазкур воқеа шарҳ қилинган ривоятлар сиёқидан ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу жинлардан бехабар эканликлари, фақат Аллоҳ таоло Ўз оятлари орқали билдирганидан кейингина ҳузурларига жинлар келиб кетганидан бохабар бўлганликлари тушунилади. Бу жинларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келган биринчи вакиллари эди. Ривоятлар сиёқи кейинчалик уларнинг яна бир неча бор келганликларига далолат қилади.

Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзига маълум бўлган лашкарлари ила махфий ғайб хазиналаридан яна бир бор қўллаб-қувватланган Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун бу ҳодиса чиндан-да улуғ воқеа бўлган. Мазкур ҳодиса ёритилган оятлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даъватларининг ғалаба қозониши ва борлиқдаги ҳеч қандай куч-қудрат унинг ғалабасига тўсиқ бўла олмаслиги ҳақидаги башоратлар билан келди.

«Ким Аллоҳга даъват қилувчи (даъвати)ни қабул қилмаса, бас, у ер юзида (Бирон жойга) қочиб қутулувчи эмасдир ва унинг учун (Аллоҳдан) ўзга (Унинг азобидан қутқарувчи) «дўстлар» ҳам йўқдир. Ана ўшалар очиқ залолатдадирлар» (Аҳқоф-32).

«Албатта бизлар (Қуръонни эшитганимиздан сўнг) билдикки, ер юзида ҳаргиз Аллоҳни ожиз қила олмасмиз (яъни, фақат Аллоҳ ирода қилган ишгина бўлур) ва У Зотдан (яъни, Унинг жазосидан) қочиб ҳам қутула олмасмиз» (Жин-12).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Тоифдан хўрланиб, қувланиб чиққанларидан буён у кишининг бошларига қуюқ соя ташлаб турган ғам-алам, маҳзунлик ва тушкунлик булути ана шундай нусрат ва башоратлар қаршисида парча-парча бўлиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна Маккага, Исломни тарқатиш ва Аллоҳнинг абадий рисолатини бандаларга янги куч, янги қувват билан етказиш учун яна аввалги ишларини давом эттиришга қайтмоққа қарор қилдилар. Ана шунда Зайд ибн Ҳориса: «Улар сизни чиқариб юборишди-ку, қандай қилиб кирасиз?», деб сўради. «Эй Зайд - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам - Аллоҳ таоло бу кўриб турганларингга бир ёруғликни ва чиқар йўлни пайдо қилур. Зеро, Аллоҳ динига нусрат бериб, Пайғамбарини олий қилувчидир.» Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккага яқин келиб, Ҳирога қўндилар ва хузоалик бир кишини Ахнас ибн Шурайҳнинг олдига ўзлари учун ҳимоя сўраб жўнатдилар. «Мен ҳалиф, яъни иттифоқдош кишиман. Ҳалиф ҳимоясига ололмайди», деб жавоб берди Ахнас. Суҳайл ибн Амрнинг олдига жўнатдилар. «Бану Омир Бану Каъбга қарши туриб ҳимоясига олмайди», деб жавоб айтди Суҳайл. Мутъим ибн Адийнинг олдига жўнатдилар. Мутъим рози бўлди. У қуролланиб, ўғиллари ва қавмини чақирди. «Қурол-аслаҳаларингизни тақиб, Каъба рукнлари олдида туринглар. Мен Муҳаммадни ҳимоямга олдим», деди Мутъим Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга «Кираверинг» деб одам жўнатди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Зайд ибн Ҳориса ҳамроҳлигида Маккага кириб Ҳарамгача келдилар. Мутъим ибн Адий Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг роҳила-уловлари олдида туриб: «Эй Қурайш жамоаси! Мен Муҳаммадни ҳимоямга олдим, уни ҳеч ким безовта қилмасин!» деб қичқирди. Расулуллоҳ рукнни истилом қилиб, икки ракаат намоз ўқиб, уйларига кетдилар. Мутъим ибн Адий қуролланган ўғиллари билан Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўраб, уйларига қадар кузатиб қўйди.

Айтишларича, Абу Жаҳл Мутъимдан: «Сен ҳимояга олувчимисан ёки эргашувчи яъни, муслим?» деб сўраганида: «Ҳимоясига олувчи!» жавобини эшитиб: «Сен ҳимоянгга олган кишини биз ҳам ҳимоя қиламиз!» қабилида жавоб берган экан[2].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мутъимнинг бу хизматини унутмаганлар. Пайғамбаримиз Бадрда асир олинган мушрикларни кўрсатиб шундай деганлар: «Агар Мутъим ибн Адий ҳаёт бўлиб, манави бадбўйлар ҳақида менга илтимос қилганида, уларни унга берган бўлардим!»[3]

 

Исломни қабилалар ва шахсларга таклиф қилиш

 

Пайғамбарликнинг ўнинчи йили Зул-қаъда ойида (619 милодий июннинг охирлари ё июлнинг бошларида) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккага қайтиб, Исломни қабилалар ва шахсларга таклиф қилишни қайтадан бошладилар. Ҳаж мавсуми яқинлашиб қолгани туфайли одамлар ҳаж фарзини адо этиш, муайян кунларда Аллоҳни зикр қилиш ва ўзлари учун бўлган диний ва дунёвий манфаатларни қўлга киритиш учун ҳар тарафдан кела бошладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу фурсатни ғанимат билиб, худди пайғамбарликнинг тўртинчи йилидан бери қилиб келаётганлари каби улардан ҳар бир қабилани алоҳида-алоҳида Исломга даъват қила бошладилар. Ушбу – ўнинчи – йилдан тортиб энди улардан Аллоҳнинг рисолатини етказиш йўлида ўзларига мадад, қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя ҳам сўрай бошладилар.

 

Исломга таклиф қилинган қабилалар

 

Зуҳрий айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бирма-бир бориб, Исломга даъват қилган қабилалар қуйидагилар эди: Бану Омир ибн Саъсаъа, Муҳориб ибн Хосфа, Фазора, Ғассон, Мурра, Ҳанифа, Салим, Абс, Бану Наср, Банул-Бакко, Кинда, Калб, Ҳорис ибн Каъб, Узра, Хазорама. Аммо улардан биронтаси ҳам у зотнинг даъватларини қабул қилмади».

Зуҳрий номларини келтирган бу қабилалар Исломга бир йилнинг ёки бир мавсумнинг ўзида даъват этилмаганлар. Уларнинг даъват этилиши Пайғамбарликнинг тўртинчи йили билан ҳижратдан олдинги охирги мавсум оралиғида бўлиб ўтган. Муайян бир қабила ҳақида у аниқ фалон йили даъват этилган, дея олмаймиз. Тўғри, аллома Мансурпурий бир неча қабилалар ҳақида улар Исломга ўнинчи йилнинг мавсумида даъват этилганлар, дея қатъий айтган. Ибн Исҳоқ мазкур даъват ва унинг рад этилиши тарзини ҳикоя қилган. Қуйида шу ҳақда қисқача айтиб ўтамиз:

1. Бану Калб. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг Бану Абдуллоҳ номли бир уруғига бориб, уларни Аллоҳга даъват қилдилар ва уларни ўзларига ҳимоячи бўлишга таклиф қилдилар. Ҳатто уларга: «Эй Бану Абдуллоҳ, Аллоҳ отангизнинг исмини гўзал қилди», деган гапни ҳам айтдилар. Аммо улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таклифини қабул қилмадилар.

2. Бану Ҳанифа. Уларни қўнимгоҳларига бориб, Аллоҳга даъват қилдилар ва уларни ўзларига ҳимоячи бўлишга таклиф қилдилар. Араблардан бирортаси у зотга булардан кўра хунукроқ жавоб қилмаган эди.

 3. Бану Омир ибн Саъсаа ҳузурига бориб, уларни Аллоҳга даъват қилдилар ва уларни ўзларига ҳимоячи бўлишга таклиф қилдилар. Улар ичидан Буҳайра ибн Фаррос деган шахс: «Аллоҳга қасамки, агар мен қурайшлик мана шу йигитнинг қўлидан маҳкам тутсам, у билан бутун арабларга ғолиб бўлардим», деди. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Агар шу ишингда сенга байъат берсак, кейин Аллоҳ сени мухолифларинг устидан ғолиб қилса, сендан сўнг иш (ҳокимият) бизнинг қўлимизга ўтадими?» деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Иш (ҳокимият) Аллоҳникидир, уни Ўзи хоҳлаган ўринга қўяди», деб жавоб бердилар. Шунда у: «Биз сени деб ўзимизни арабларга қурбон қилайликми?! Аллоҳ сени ғолиб қилганидан кейин ҳокимият биздан бошқасининг қўлига ўтадиган бўлса, бизга бу ишнинг кераги йўқ», деди. Шу билан улар ҳам юз ўгиришди.

 Бану Омир қайтиб боргач, бўлган воқеани кексалиги туфайли ҳажга келолмаган бир қарияга айтишди ва: «Қурайшнинг Бану Абдулмуттолиб уруғидан бир йигит олдимизга келиб, пайғамбарман, деб даъво қилди, бизга, мени ҳимоя қилинглар, мен тарафга ўтинглар ва мени ўз юртларингга олиб кетинглар, деб даъват қилди», дейишди. Шунда қария қўлларини бошига қўйиб: «Эй Бану Омир, бу нақадар улкан талофат, ахир бошга қўниб турган бахт қушини учириб юборибсизлар-ку! Фалончининг жони Унинг қўлида бўлган Зотга қасамки, Исмоил авлоди бўлган ўша йигит бу гапни асло тўқиб чиқармаган, унинг гаплари ҳақ, мияларинг қаёқда эди ўзи?!» деди.

 

Маккалик бўлмаган мўъминлар

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабилалар ва вакиллар билан бир қаторда якка шахсларни ҳам Исломга даъват қилдилар. Уларнинг айримлари тарафидан ижобатлар кўриниб, мавсумдан бироз кейинроқ бир нечалари мусулмон бўлишди. Қуйида улардан баъзиларини айтиб ўтамиз:

1. Сувайд ибн Сомит. У Ясриблик бўлиб, зукко шоир эди. Қавми уни обрўси, шоирлиги ва насабини эътиборга олиб «Комил» деб атарди. У ҳаж ёки умра қилиш учун Маккага келган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни Исломга даъват қилдилар. Шунда у: «Эҳтимол, сиздаги нарса мендаги нарса билан бир хилдир», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сиздаги нарса нима ўзи?» дедилар. У: «Луқмоннинг ҳикмати», деб жавоб берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қани, уларни менга айтиб берингчи», дедилар. У айтиб бергач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Булар шубҳасиз, гўзал сўзлар, аммо мендагиси улардан яхшироқ, у Аллоҳ менга нозил қилган Қуръондир, ҳидоят ва нурдир», деб унга Қуръон ўқиб бердилар ва уни Исломга даъват этдилар. Шундан сўнг у: «Ҳақиқатан, булар ғоят гўзал сўзлар экан», деди ва Исломни қабул қилди. Мадинага қайтиб келганидан сўнг кўп ўтмай Буос воқеасидан сал олдин Авс ва Хазраж ўртасидаги жанглардан бирида ўлдирилди. Устунроқ гап шуки, унинг Исломга кириши пайғамбарликнинг 11- йили бошларида бўлган.

 2. Иёс ибн Муоз. У Ясриблик ўспирин йигит бўлиб, Авс вакиллари орасида келганди. Улар Хазражга қарши Қурайш билан иттифоқ тузиш мақсадида келишганди. Бу иш Буос урушидан сал олдинроқ пайғамбарликнинг 11- йилида бўлиб ўтганди. У пайтда Ясрибда уруш олови ёнарди. Авс Хазражга нисбатан кам сонли эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг келганидан хабар топгач, олдиларига бориб ўтирдилар ва: «Сизларга ўзингиз истаб келган ишдан кўра яхшироқ бир ишни айтайми?» дедилар. Улар: «Нима иш экан?» дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен Аллоҳнинг бандаларига юборган пайғамбариман, уларни ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилишга, Унга ҳеч нарсани шерик қилмасликка даъват қиламан, Аллоҳ менга Китоб нозил қилган», дедилар ва уларга Исломни тушунтириб, Қуръондан тиловат қилиб бердилар. Иёс ибн Муоз: «Эй қавм, Аллоҳга қасамки, бу нарса сизлар истаб келган нарсадан кўра яхшироқ», деди. Шунда вакиллар ичидан Абу Ҳайсар Анас ибн Рофеъ деган кимса Батҳо тупроғидан бир сиқим олиб, Иёснинг юзига сочиб юборди ва: «Қўй бу гапни, қасамки, биз бу иш учун келмаганмиз», деди. Иёс жим бўлиб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туриб кетдилар. Вакиллар Қурайш билан иттифоқ туза олмасдан Мадинага қайтиб кетишди.

Ясрибга қайтганларидан кейин ҳеч қанча ўтмасдан Иёс вафот этди. Ўлими олдидан ҳамд, такбир, таҳлил ва тасбеҳ айтганди. Унинг мусулмон бўлиб ўлганига шубҳа қилмайдилар.

3. Абу Зар Ғифорий. У Ясриб атрофида яшарди. Сувайд ибн Сомит ва Иёс ибн Муоз воситасида Ясрибга етиб келган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақидаги хабарлар унинг қулоғига ҳам етиб борган ва шу нарса унинг Исломга киришига сабаб бўлган бўлса ажаб эмас.

Бухорий Ибн Аббосдан, у Абу Зарнинг ўзидан ривоят қилади: Мен ғифорлик бир одам эдим. Бизга Маккада ўзини пайғамбарман, дейдиган бир одам чиқибди, деган хабар келди. Укамга: «Бор, ўша одам билан гаплашиб, нима гаплигини билиб кел», дедим. У кетди. Бориб учрашди. Қайтиб келгач, «Нима гап?» деб сўраган эдим, у: «Аллоҳга қасамки, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарадиган бир одамни кўрдим», деди. Унга: «Бу гапинг мени қониқтирмади», дедим-да, сафар халта ва асони олиб Макка сари йўлга тушдим. Ўзим уни танимас эдим. У ҳақда сўрашни истамадим. Замзамдан ичиб, масжидда бўлиб турдим. Олдимдан Алий ўтиб қолди ва: «Мусофирга ўхшайсиз», деди. Мен: «Ҳа», дедим. «Ундай бўлса, юринг бизникига», деб уйига олиб кетди. У ҳам мендан ҳеч нарса сўрамади, мен ҳам ҳеч нарса демадим. Тонг отгач, масжидга қайтдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақида сўрай дегандим, у ҳақда бирон гап айтадиган одамни топа олмадим. Олдимдан яна Алий ўтиб қолиб: «Ҳали ҳам борар жойингизни топа олмадингизми?» деди. Мен: «Ҳа, топа олмадим», дедим. У яна уйига таклиф қилиб: «Бу юртларга нима иш билан келган эдингиз?» деб сўради. «Агар сир сақласангиз, айтаман», дедим. У: «Шундай қиламан», деди. Мен: «Шу ерда ўзини пайғамбарман, дейдиган бир одам чиқибди, укамни у ҳақда билиб келишга юборган эдим, унинг олиб борган хабари мени қониқтирмади, шунинг учун у билан ўзим учрашмоқчи бўлиб келдим», дедим. У: «Муродингиз ҳосил бўладиган бўпти, ҳозир ўша ёққа кетаётган эдим, ортимдан бориб, мен кирган жойга кириб бораверинг, агар бирор сизга нисбатан хавфлироқ одамни кўриб қолсам, девор остига бориб, оёқ кийимимни тўғрилагандек бўламан, сиз эса ўтиб кетаверасиз», деди. Унинг ортидан бориб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига кирдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Менга Исломни тушунтиринг», деган эдим, у киши тушунтирдилар. Мен ўша турган жойимда дарҳол мусулмон бўлдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: «Эй Абу Зар, бу ишни сир тутиб, шаҳрингизга қайтиб кетинг, бизнинг ғолиб бўлганимиз ҳақида эшитсангиз келарсиз», дедилар. Мен: «Сизни ҳақ билан юборган Зотга қасамки, мен буни уларнинг орасида қичқириб айтаман», дедим. Сўнг масжидга келдим. Қурайш ҳам ўша ерда эди. Ҳаммага эшиттириб: «Эй Қурайш жамоаси, мен Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва Муҳаммад Унинг пайғамбари эканлигига гувоҳлик бераман», деб қичқирдим. Улар: «Туринглар, бу муртадни уринглар», дейишди-да, мени ўласи қилиб калтаклашди. Аббос келиб, устимга ётиб олди ва уларга қараб: «Ғифорлик одамни урасизларми, ахир савдо билан Ғифордан ўтасизлар-ку!», деди. Шунда улар мендан четланишди. Эртаси куни яна кечагидек ишни қилдим. Яна ўша гапни айтдим. Улар: «Туринглар, бу муртадни уринглар» дейишди-да, мени яна ўласи қилиб калтаклашди. Яна Аббос келиб, устимга ётиб олди ва кечаги гапини қайтарди.

4. Туфайл ибн Амр Давсий. Бу одам шарафли инсон, Давс қабиласининг бошлиғи, зукко шоир эди. Унинг қабиласи Яманнинг айрим тарафларига бошчилик ёки яримбошчилик қилган. У Маккага пайғамбарликнинг 11- йилида келди. Шаҳарга етмасиданоқ Макка аҳли унинг истиқболига чиқиб, иззату ҳурматини жойига қўйишди, сўнг: «Эй Туфайл, ичимиздан чиққан мана бу одам бизни оғир аҳволга солиб қўйган, жамоамизни бўлиб, ишимизни чалкаштириб юборган бир ҳолатда сиз бизнинг юртимизга келдингиз, у гапириб туриб, одамни сеҳрлаб қўяди, кишини отасидан, ака-укасидан, хотинидан ажратиб юборади, бизга тушган бу бало сизнинг ва қабилангизнинг бошига ҳам тушиб қолмаса, деб қўрқамиз, шунинг учун у билан гаплашманг, унинг гапига қулоқ солманг», дейишди.

Туфайлнинг ўзи ҳикоя қилади: Бу ҳақда шу қадар кўп гапиришдики, у билан гаплашмасликка ва унинг гапини эшитмасликка қатъий қарор қилдим ва ҳатто масжидга борган пайтимда беихтиёр унинг сўзлари қулоғимга тушиб қолмасин деб қулоғимга пахта тиқиб олдим. Бир сафар масжидга борсам, у киши Каъбада намоз ўқиётган эканлар. Унинг яқинроғида турган эдим. Аллоҳ унинг гапини эшитмаслигимга йўл қўймади. Ўша гўзал ибораларни тингладим. Кейин ўзимга ўзим, бундан кўра ўлганим яхши, нима учун энди мен унинг гапини эшитмаслигим керак экан, ахир мен зукко шоир бўлсам, нима гўзалу нима хунуклигини ажрата олсам, эшитиб кўрай, агар яхши бўлса, қабул қиламан, бўлмаса, рад этаман, дедим. Шу ўй билан у киши уйларига қайтгунларича кутиб турдим. Қайтаётганларида ортларидан эргашдим. Уйларига кирган эдилар, ортларидан кирдим ва келганимдан буён бўлаётган ишларни, одамларнинг мени қўрқитганлари, қулоғимга пахта тиқиб олганим, кейин у кишининг айрим гапларини эшитиб қолганим, ҳамма-ҳаммасини ҳикоя қилиб бердим ва бошқаларга айтаётган гапингизни менга ҳам айтинг, дедим. У киши менга Исломни тушунтирдилар ва Қуръонни тиловат қилиб бердилар. Аллоҳга қасамки, ҳеч қачон унингдек гўзал ибораларни эшитмаганман ва шу ишдек тўғрироқ ишни кўрмаганман. Дарҳол мусулмон бўлиб, ҳақ шаҳодатни келтирдим. Кейин у кишига: «Менга қавмим итоат қилади, қайтиб бориб, уларни Исломга даъват этаман, Аллоҳга дуо қилинг, менга бир белги-аломат берсин», дедим. У киши дуо қилдилар.

Унинг белги-аломати шу бўлдики, қавмига яқинлашган пайтида Аллоҳ унинг юзида худди чироқдек бир нурни пайдо қилди. У: «Эй Аллоҳим, юзимдан бошқа жойда бўлса эди, одамлар мусла[4], деб ўйлашларидан қўрқаман», деб дуо қилганди, нур қамчисига кўчди. Шундан сўнг у отасини ва хотинини Исломга даъват қилди, улар мусулмон бўлишди. Қавми эса Исломга киришда сустлик қилди. Лекин у даъватда бардавом бўлди. Хандақ жангидан кейин ҳижрат қилган пайтида ўзи билан бирга етмиш ёки саксон хонадонни олиб кетди. У Исломдаги синовлардан гўзал тарзда ўтди ва Ямома кунида шаҳид бўлди.

5. Зимод Аздий. Бу одам Яманнинг Аздишануасидан бўлиб, дам солиш билан шуғулланарди. У Маккага келиб, у ердаги қаланғи-қасанғилардан «Муҳаммад жинни» деган гапни эшитди. Олдига борсам, эҳтимол Аллоҳ унга мен сабабли шифо бериб қолар, деб ўйлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан учрашиб: «Эй Муҳаммад, мен дам соладиган одамман, бирон касалингиз борми?», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳамд Аллоҳникидир, Унга ҳамд айтамиз, Ундан ёрдам сўраймиз. Аллоҳ кимни ҳидоятга бошласа, уни ҳеч ким адаштира олмас, кимни адаштириб қўйган бўлса, уни ҳеч ким ҳидоятга бошлай олмас. Гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир, У Ягонадир, Шериксиздир, яна гувоҳлик бераманки, Муҳаммад Унинг бандаси ва пайғамбаридир. Аммо баъд...» деб энди гап бошлаётган эдилар, Зимод: «Шу сўзларингизни яна бир қайтаринг», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган гапларини уч бора қайтардилар. Шунда Зимод: «Мен коҳинларнинг, сеҳргарларнинг, шоирларнинг гапларини эшитганман, аммо сизнинг гапларингизга ўхшаганини эшитмаганман, улар уммон тубига қадар етиб борибди, қўлингизни беринг, сизга байъат бериб, мусулмон бўлай» деди ва байъат бериб, мусулмон бўлди.

 

Ясриблик олти нафар солиҳ кишилар

 

Пайғамбарликнинг 11- йили ҳаж мавсумида – 620- милодийнинг июлида – Исломий даъват майдонида сермаҳсул уруғлар вужудга келиб, улар тезда самога ўрловчи улкан дарахтларга айландилар. Мусулмонлар уларнинг сояларига ўтиб, йиллар мобайнида давом этиб келаётган зулму туғён зарбаларидан ҳимояландилар, воқеа-ҳодисалар бошқача тус олиб, тарихнинг йўналиши бутунлай ўзгарди.

Макка аҳлининг ёлғончига чиқариш, Аллоҳнинг йўлидан тўсиш каби озорларини кўрган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳикмат билан иш юритганларидан Макка мушриклари халақит қилмаслиги учун қабилаларни даъват қилишга кечасида чиқардилар.

Ана шундай кечаларнинг бирида у зот Абу Бакр ва Алий билан бирга Зуҳл ва Шайбон ибн Саълабанинг қўналғалари ёнидан ўтиб қолдилар. Уларга Ислом ҳақида гапирдилар. Абу Бакр билан зуҳллик бир киши ўртасида ажойиб бир савол-жавоб ҳам бўлиб ўтди. Бану Шайбоннинг жавоби умид қилса бўладиган жавоб бўлди. Лекин улар Исломни қабул қилишдан тўхтаб турдилар.

Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Минодаги Ақаба деган жойдан ўтаётиб, гаплашиб ўтирган одамлар овозини эшитдилар ва улар ёнига бордилар. Улар Ясриблик олти нафар ёш йигитлар бўлиб, ҳаммалари Хазраж қабиласи вакиллари эди:

1. Асъад ибн Зурора (Бану Нажжордан).

2. Авф ибн Ҳорис ибн Рифоа ибн Афро (Бану Нажжордан).

3. Рофеъ ибн Молик ибн Ажлон (Бану Зурайқдан).

4. Қутба ибн Омир ибн Ҳадида (Бану Саламадан).

5. Уқба ибн Омир ибн Нобий (Бану Ҳаром ибн Каъбдан).

6. Жобир ибн Абдуллоҳ ибн Риоб (Бану Убайд ибн Ғанмдан).

Ясрибликларнинг бахти шунда эдики, иттифоқдошлари бўлмиш ясриб яҳудийлари билан ўрталарида гап қочган пайтларда улар яҳудийлардан: «Яқинда бир пайғамбар чиқади, биз унга эргашамиз ва у билан биргаликда сизларни худди Од ва Эрамдек қириб ташлаймиз» деган гапларни эшитиб юрардилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улар билан учрашганларида:

- Сизлар кимсизлар? – деб сўрадилар.

- Хазражликлармиз, - жавоб беришди улар.

- Яҳудларнинг иттифоқдошларимисизлар?

- Ҳа.

- Ўтириб, бир гаплашсак нима дейсизлар?

- Майли.

Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга Исломнинг моҳиятини тушунтирдилар, Қуръон тиловат қилиб бердилар ва уларни Улуғ, Буюк Аллоҳга даъват қилдилар. Улар бир бирига: «Аллоҳга қасамки, бу одам ўша яҳудийлар кутаётган пайғамбардир, бас, улардан олдин отни қамчилаб қолайлик, унинг таклифини қабул қилиб, мусулмон бўлайлик», дейишди.

Улар Ясрибнинг оқил кишиларидан эдилар. Яқинда бўлиб ўтган ички урушлар уларнинг тинкасини қуритган, бу урушнинг яна аланга олиш хавфи бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даъватлари зора урушнинг олди олинишига сабаб бўлса, деб умид қилдилар. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Бизнинг ортимизда шундай қавмлар борки, улар орасидаги адоватчалик адоват ҳеч жойда йўқ, сиз туфайли Аллоҳ уларни бирлаштириб юборса ажаб эмас, энди юртимизга қайтиб, уларни сизнинг ишингизга даъват қиламиз, ўзимиз қабул қилган мана шу таклифингизни уларга ҳам таклиф қиламиз, агар уларни Аллоҳ сизга бирлаштириб берса, сиздан азизроқ одам бўлмайди», дейишди.

Улар Мадинага қайтишгач, у ерда Ислом рисолатини кўтариб чиқишди. Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақида гапирилмаган биронта хонадон қолмади.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Оиша розияллоҳу анҳога уйланишлари

 

Шу йили – пайғамбарликнинг 11- йили – Шаввол ойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Оишаи Сиддиқа розияллоҳу анҳога уйландилар. Бу пайтда Оиша розияллоҳу анҳо олти ёш эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу аёли билан Мадинада ҳижратнинг биринчи йилида Шаввол ойида қўшилдилар. У пайтга келиб, Оиша розияллоҳу анҳо тўққиз ёшга киргандилар.

 

Исро ва Меърож

 

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам мана шу босқични босиб ўтаётган, даъват қувғиннинг ўртасида муваффақият билан турган ва узоқ-узоқлардан умид юлдузлари элас-элас кўрина бошлаган бир пайтда Исро (тунда сайр қилдириш) ва Меърож (юқорига кўтарилиш) ҳодисаси юз берди.

Бу ҳодиса юз берган вақт хусусида турли қарашлар бор:

1. Бир қавлда Исро Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбарлик шарафига муяссар бўлган йиллари юз берган, дейилган. Табарий шу фикрни ихтиёр қилган.

2. Яна бир қавлда пайғамбарликдан беш йил ўтиб юз берган, дейилган. Бу гапни Нававий ва Қуртубийлар қувватлироқ санашган.

3. Яна бир қавлда пайғамбарликнинг 10- йили 27- Ражаб кечасида юз берган, дейилган. Бу аллома Мансурфурийнинг гапи.

4. Яна бир қавлда ҳижратдан ўн олти ой олдин яъни, пайғамбарликнинг 12- йили Рамазонида юз берган, дейилган.

5. Яна бир қавлда ҳижратдан бир йилу икки ой олдин яъни, пайғамбарликнинг 13- йили Муҳаррамида юз берган, дейилган.

6. Яна бир қавлда ҳижратдан бир йил олдин яъни, пайғамбарликнинг 13- йили Рабиул-аввалида юз берган, дейилган.

Хадижа розияллоҳу анҳо пайғамбарликнинг ўнинчи йили Рамазонида вафот этган ва бу пайтда ҳали беш вақт намоз фарз қилинмаган эди. Беш вақт намознинг фарз қилиниши Исро кечасида юз бергани хусусида эса ҳеч қандай ихтилоф йўқ. Демак, шу билан олдинги уч қавл рад этилади. Кейинги уч қавлдан қайси бирини таржеҳ қилишни билмадим. Бироқ, Исро сурасининг оқими ҳодиса жуда кеч юз берганлигига далолат қилади.

Ҳадис олимлари бу воқеани тафсилотлари билан ривоят қилишган. Қуйида уни қисқача айтиб ўтамиз:

Ибнул Қаййим айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жаброил алайҳиссалом билан бирга Масжидул-Ҳаромдан Байтул-Мақдисга Буроқда сайр қилдирилганлар. Сайрга фақат руҳлари эмас, жасадлари ҳам чиққанлиги тўғрироқ. Ўша ерга тушиб, буроқни масжиднинг ҳалқасига боғлаб, пайғамбарларга имом бўлиб намоз ўқидилар.

Кейин у киши шу кечада Байтул-Мақдисдан дунё осмонига олиб чиқиб кетилдилар. Жаброил алайҳиссалом эшикни қоқдилар ва эшик очилди. Бу осмонда инсоният отаси Одам алайҳиссаломни кўриб, салом бердилар. Одам алайҳиссалом Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саломига алик олиб, пайғамбарлигини тан олиб, марҳабо, деб илиқ кутиб олдилар. Аллоҳ таоло у кишига Одам алайҳиссаломнинг ўнг тарафида бахтиёрлар руҳларини, сўл томонида эса бахтиқароларнинг руҳларини кўрсатди.

Кейин у зот иккинчи осмонга олиб чиқилдилар. У ерда Яҳё ибн Закариё ва Исо ибн Марямни кўриб, уларга салом бердилар. Улар саломга алик олишиб, пайғамбарликларини тан олишиб, марҳабо, дея илиқ кутиб олишди.

 Кейин у зот учинчи осмонга олиб чиқилдилар. У ерда Юсуф алайҳиссаломни кўриб, салом бердилар. Юсуф алайҳиссалом саломларига алик олиб, пайғамбарликларини эътироф этиб, марҳабо, дея илиқ кутиб олдилар.

 Кейин у зот тўртинчи осмонга олиб чиқилдилар. У ерда Идрис алайҳиссаломни кўриб, салом бердилар. У киши ҳам пайғамбарликларини тан олиб, марҳабо, дея илиқ кутиб олдилар.

Кейин бешинчи осмонга олиб чиқилдилар. У ерда Ҳорун ибн Имронни кўриб, салом бердилар. У киши ҳам пайғамбарликларини тан олиб, марҳабо, дея илиқ кутиб олдилар.

Кейин олтинчи осмонга олиб чиқилдилар. У ерда Мусо ибн Имронни учратиб, салом бердилар. У киши ҳам пайғамбарликларини тан олиб, марҳабо, дея илиқ кутиб олдилар.

Унинг ёнидан ўтиб кетган пайтларида Мусо алайҳиссалом йиғладилар. «Нима учун йиғлаяпсиз?» дейишганида, «Мендан кейин пайғамбар бўлган боланинг менинг умматимдан кўра кўпроқ уммати жаннатга кираркан, деб йиғлаяпман», деб жавоб бердилар.

Кейин у зот еттинчи осмонга олиб чиқилдилар. У ерда Иброҳим алайҳиссаломни учратиб, салом бердилар. У ҳам пайғамбарликларини тан олиб, марҳабо, дея илиқ кутиб олди.

Кейин у зот Сидратул-мунтаҳога кўтарилдилар. Унинг мевалари Ҳажар[5] кўзаларидек, барглари эса филларнинг қулоқларидек экан. Уни зар капалаклар (парвоналар) ўраб олар, турли-туман ранглар ва нурлар чулғаб олар ва ҳар хил кўринишда товланар, гўзаллигидан Аллоҳнинг махлуқотларидан ҳеч кимса унинг васфини келтиришга қодир бўлмас экан.

Ундан кейин эса Ал-Байтул-Маъмурга[6] кўтарилдилар. У шундай бир уйки, ҳар куни унга етмиш минг фаришта киради, сўнг яна қайтиб кирмайди.

Сўнг жаннатга киргизилдилар. Жаннатда инжу-марварид шодалари осилган, тупроқлари мушкдан экан.

У зот яна кўтарилиб, ҳатто (ёзаётган) қаламларнинг қитирлаши эшитиладиган ўрингача етдилар.

Кейин Буюкликда тенги йўқ Жаббор Зотнинг қошига кўтарилиб, қош билан қовоқчалик ёки ундан ҳам яқинроқ жойгача яқин бордилар. Шунда У Зот бандасига Ўзи истаган нарсани ваҳий қилиб, унга эллик маҳал намоз ўқишни фарз айлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қайтаётиб, Мусо алайҳиссаломнинг ёнидан ўтаётганларида у киши:

- Раббингиз Сизни нимага буюрди, - деб сўрадилар.

- Эллик маҳал намоз ўқишга, - деб жавоб бердилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам

- Умматингиз бунга тоқат қила олмайди, қайтиб бориб, умматингиз учун енгиллатишини сўранг.

Бу гапни эшитган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам маслаҳат сўрагандек Жаброил алайҳиссаломга қарадилар. У зот ҳам истасангиз шундай қилишингиз мумкин, дегандек ишора қилдилар.

Шу билан у кишини Жаброил алайҳиссалом яна Жаббор Зотнинг қошига олиб чиқдилар. Бу пайтда У Зот Ўз ўрнида эди. (Баъзи ривоят йўлларида мана шу гап Бухорийга қарашли). Сўнг Аллоҳ ўн маҳалини олиб ташлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тушаётиб, Мусо алайҳиссаломнинг ёнидан ўтдилар ва бўлган гапни айтиб бердилар. У киши, яна қайтиб бориб, енгиллатишини сўранг, дедилар. Шундай қилиб, у зот Мусо алайҳиссалом билан Аллоҳ азза ва жалла ўртасида то У Зот намозларни беш маҳалга туширгунига қадар қатнайвердилар. Шундан кейин ҳам Мусо алайҳиссалом қайтиб бориб, енгиллатишини сўранг, дедилар. Бунга жавобан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Парвардигоримдан уялиб кетдим, бўлди энди рози бўлиб, таслим бўламан», дедилар. Узоқлашган пайтларида жарчининг: «Фарзимни белгиладим, бандаларимга енгиллик қилиб бердим», деган нидоси янгради.

Шундан кейин Ибнул Қаййим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Улуғ ва Буюк Аллоҳни кўрганлари хусусидаги ихтилофга тўхталиб, шу борадаги Ибн Таймийянинг гапини келтиради. Хулоса шуки, кўз билан кўрганлари ўз исботини топмаган гап. Бу гапни биронта саҳоба айтмаган. Ибн Аббосдан ривоят қилинган “қатъий кўрганлар”, деган гап билан “қалб билан кўрганлар”, деган гап орасида қарама-қаршилик йўқ.

Кейин Аллоҳ таолонинг “Сўнгра яқинлашиб, пастлади”, (Нажм-8) деган ояти хусусида тўхталиб, шундай дейди: Бу оятдаги яқинлашиш Исро қиссасидаги яқинлашиш эмас. Нажм сурасидаги яқинлашиш Жаброил алайҳиссаломнинг яқинлашишидир. Оиша ва Ибн Масъуд розияллоҳу анҳумо шундай дейишган. Оят оқими ҳам шуни кўрсатиб турибди. Исро қиссасидаги яқинлашиш ва пастлашиш эса Улуғ ва Буюк Аллоҳнинг яқинлашиши ва пастлашиши экани аниқ. Нажм сурасидаги маъно унга зид эмас. Аксинча, унда Сидратул-мунтаҳода манзил қурганда уни яна бир бора кўрганлиги айтилган. Бунинг мазмуни шуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жаброил алайҳиссаломни икки марта ўз суратида кўрганлар. Бир марта ерда, яна бир марта Сидратул-мунтаҳода. Яна Аллоҳ Билувчироқ.

Баъзи ривоятларда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўксиларини ёриш ҳодисаси бу сафар яна бир бора рўй берган. У зот бу сайр чоғида бир неча ишларнинг гувоҳи бўлдилар:

У кишига ароқ ва сут таклиф қилинганда сутни танладилар. Шунда: «Фитратга (асл нарсага) ҳидоятландинг ёки фитратни топдинг, ароқни танлаганингда умматинг адашиб кетарди», дейилди.

Сидратул-мунтаҳонинг остидан оқиб чиқувчи тўрт дарёни кўрдилар. Иккитаси зоҳирий, иккитаси ботиний. Зоҳирийлари Нил ва Фурот дарёлари, ботинийлари эса жаннатдаги икки дарёдир. Нил ва Фурот дарёларини кўрганларининг маъноси шу икки дарёнинг суви жаннатдан келиб чиқади, дегани эмас, балки, у кишининг рисолатлари шу икки дарё атрофидаги унумдор водийлар бағридан жой олади ва уларнинг аҳолиси авлодма-авлод Исломни дунёга олиб чиқиб, тарқатади, деганидир, валлоҳу аълам..

Дўзахга посбонлик қиладиган фариштани кўрдилар. У кулмас, чеҳрасини очмас экан. Шунингдек жаннат ва дўзахни ҳам кўрдилар.

Етимларнинг молини ноҳақ еюувчиларни кўрдилар. Уларнинг худди туяларникидек лаблари бўлиб, оғизларига муштдек тошлар каби олов бўлаклари отиларкан ва у олов ортларидан чиқиб кетаркан.

Судхўрлик қиладиганларни кўрдилар. Уларнинг улкан қоринлари бўлиб, шу туфайли ўринларидан қимирлай олмас эканлар. Фиръавн аҳли дўзахга рўбарў қилинганларида уларнинг устларидан босиб ўтарканлар.

Зинокорларни кўрдилар. Уларнинг олдиларида ҳам семиз, янги гўшт ва ҳам ориқ, сасиган гўшт тураркан. Улар семиз, янги гўштни қўйиб, ориқ, сасиган гўштни ер эканлар.

Ўз эрларига бошқа эркаклардан (ҳаромдан) орттирган болаларни олиб кирадиган аёлларни сийналаридан осилган ҳолларида кўрдилар.

Бораётган ва қайтаётганларида Маккаликлар карвонини кўрдилар. Уларни қочиб кетган бир туяларига йўллаб қўйдилар. Ўша ерда бир ёпиқ идишдаги уларнинг сувидан ичдилар. Бу пайтда улар ухлашаётган эди. Идишни яна ёпиқ ҳолида қолдирдилар. Мана шу ишлари Исро кечасининг тонгида ўз даъволарининг тўғрилигига далил бўлди.

Ибнул Қаййим айтади: Тонг отгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қавмига Улуғ ва Буюк Аллоҳ кўрсатган катта аломатларни сўзлаб бердилар. Шунда уларнинг ёлғончига чиқаришлари, озорлари янада кучайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Байтул-Мақдисни тавсифлаб беришни талаб қилишди. Аллоҳ уни кўз олдиларида намоён қилди ва у киши унинг белгиларини унга қараб туриб айтиб бердилар. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг биронта ҳам сўзини инкор қила олмадилар. Уларга бориб қайтаётганларида кўрган уларнинг карвонлари ҳақида ҳам гапириб, унинг қачон етиб келишини, карвон бошида қайси туя келаётганигача айтиб бердилар. Карвон худди ўша пайтда келди. Бироқ, бу ҳам уларни ҳидоятдан янада узоқлаштирди, холос. Золимлар кофирликдан бошқа нарсани истамадилар.

Айтишларича, Абу Бакр розияллоҳу анҳу шу воқеани одамлар ёлғон деб турган бир пайтда иккиланмай тасдиқлагани учун Сиддиқ деган номни олган экан.

Бу сафарнинг сабаби хусусидаги энг лўнда ва энг буюк ворид бўлган ҳужжат Аллоҳ таолонинг мана бу оятидир. «...унга оят-мўъжизаларимиздан кўрсатиш учун» (Исро: 1). Бу Аллоҳ таолонинг пайғамбарлар борасидаги қонуниятидир. У Зот айтади: «Шундай қилиб Иброҳимга (ўзи учун ҳужжат қилиб олиши) ва аниқ ишонувчилардан бўлиб қолиши учун осмонлар ва Ер малакутларини кўрсатурмиз” (Анъом: 75). Яна Мусо алайҳиссаломга айтади: “Биз сенга буюк мўъжизаларимизни кўрсатиш учун (шундай қилдик). Бу кўрсатишдан кўзланган мақсад “аниқ ишонувчилардан бўлиб қолиши учун”, деган гапда ўз ифодасини топиб турибди. Пайғамбарларнинг билимлари ояту аломатларни кўришга таянганидан кейин исон ақли билан тасаввур қилиб бўлмайдиган аниқ ишонч, билим ҳосил бўлади. Зеро, эшитиш бошқа, кўз билан кўриш бошқа. Шунинг учун ҳам пайғамбарлар бошқалар кўтара олмайдиган азобу уқубатларни кўтара оладилар. Улар учун дунёнинг ҳамма кучлари чивиннинг қанотичалик ҳам бўлмай қолади.

Бу сафарнинг, сайрнинг жузъий сирлари, ҳикматларининг ўрни бошқа китобларда эсада, бу сайрнинг булоқларидан шундай ҳақиқатлар отилиб чиқиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сийратларига қуйилганки, уларнинг айримларини қисқача бўлса ҳам айтиб ўтмасликнинг иложи йўқ.

Исро сурасини ўқиган ўқувчи Исро қиссаси фақат бир оятда ҳикоя қилинган, кейин яҳудларнинг жиноятлари, шармандаликлари хусусида, ундан кейин эса бу Қуръоннинг энг тўғри йўлга бошлаши ҳақида гап кетган, деб ўйлаши, бу икки оят ўртасида боғлиқлик йўқ, деб гумон қилиши мумкин. Аслида эса ундай эмас. Аллоҳ таоло мана шу услуб билан яҳудийлар кўп гуноҳлар қилиб юборганлари туфайли инсониятга етакчилик қилишдан четлаштирилганлари боис Исро ҳодисаси рўй берганига ишора қиляпти. Улар шу қадар кўп гуноҳ қилган эдиларки, етакчи бўлишларига ҳеч қандай асос қолмаганди. Шунинг учун Аллоҳ бу мансабни улардан олиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга берди ва шу билан Иброҳимий даъватнинг ҳар икки марказини у кишига жам қилди. Маънавий етакчиликнинг бир умматдан бошқа умматга ўтадиган даври етиб келди, тарихи хиёнату бевафолик, гуноҳу тажовузкорликка тўлган умматдан яхшилигу олийжаноблик сари отилиб борадиган бошқа умматга. Умматки, унинг пайғамбари энг тўғри йўлга бошлайдиган Қуръоннинг ваҳийси билан иш юритади.

Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамлар томонидан рад этилиб, Макка тоғларида юрган бир пайтида бу етакчилик қандай қилиб у кишининг умматлари қўлига ўтсин? Бу савол яна бир ҳақиқат юзидаги пардани кўтаради. Яъни, Исломий даъватнинг бир даври тугаб, янги бир даврга ўтиш арафасида турганини кўрсатади. Шунинг учун айрим оятларда мушрикларга нисбатан кескин огоҳлантириш, қаттиқ ваид[7]лар кўринади.

Аллоҳ таоло айтади: «Биз қачон бирон шаҳарни ҳалок қилишни истасак, унинг боёнларини (Ўзимиз юборган пайғамбарларга итоат этишга) буюриб, улар итоатсизлик қилишгач, у шаҳар (аҳолиси) устига Сўз (азоб тушиши) вожиб — муқаррар бўлур. Бас, биз уни вайронага айлантирурмиз. Нуҳ (қавмидан) кейин ҳам қанча асрларни (авлодларни) ҳалок қилдик. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Парвардигорингизнинг Ўзи бандаларининг гуноҳларидан етарли хабардор, огоҳдир» (Исро: 16, 17).

Яна шундай оятлар ҳам борки, уларда гўё мусулмонлар бир жойга бориб, жипслашган бирликни ҳосил қилиб бўлгандек, уларга Исломий жамиятнинг негизлари бўлмиш ҳазорат қоидалари, бандлари, асослари баён қилинган. Мана шу нарсада ҳам яқин кунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бир бошпана бўлиши, у ердан туриб, бутун дунёга рисолатни тарқатиш имкони туғилишига ишора бор. Бу муборак сайрнинг яна бир сири мана шунда. Бу сир бизнинг тадқиқотимизга алоқадор бўлгани учун уни айтиб ўтишни лозим топдик.

Мана шу каби ҳикматлардан келиб чиқиб, биз Исро ҳодисаси биринчи ақаба байъатидан сал олдинроқ ёки икки байъат ўртасида бўлган, деган фикрга келдик. Яна Аллоҳ билувчироқ.

 

Биринчи ақаба байъати

 

Ясриблик олти нафар киши пайғамбарликнинг 11- йили ҳаж мавсумида мусулмон бўлганлари хусусида айтиб ўтгандик. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга рисолатни ўз қавмларига етказишларини ваъда қилиб кетишганди.

Шунинг натижаси ўлароқ, кейинги мавсумда яъни, пайғамбарликнинг 12- йили ҳаж мавсумида 621- милодийнинг июлида ўн икки киши келди. Улардан бештаси олдинги йилги мавсумда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан учрашган кишилар эди. Яъни, олдинги йили келганлардан фақат Жобир ибн Абдуллоҳ ибн Риобгина келмаганди. Қолган еттитаси қуйидагилар:

1. Муоз ибн Ҳорис ибн Афро. Бану Нажжордан (Хазраж).

2. Заквон ибн Абдулқайс. Бану Зурайқдан (Хазраж).

3. Убода ибн Сомит. Бану Ғанмдан (Хазраж).

4. Язид ибн Саълаба. Бану Ғанм иттифоқдошларидан (Хазраж).

5. Аббос ибн Убода ибн Назла. Бану Солимдан (Хазраж).

6. Абулҳайсам ибн Тайяҳон. Бану Абдул-ашҳалдан (Авс).

7. Увайм ибн Соида. Бану Амр ибн Авфдан (Авс).

Демак, охирги иккитаси Авсдан, қолганлари ҳаммаси Хазраждан.

Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Минодаги Ақаба (тоғ йўли, дара)да учрашдилар ва у кишига аёллар байъатини яъни, Макка фатҳидан илгарироқ Қуръонда нозил бўлган аёллар байъатига ўхшаш байъатни бердилар.

Бухорий Убода ибн Сомитдан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: «Келинглар, Аллоҳга ҳеч нарсани шерик қилмасликка, ўғирлик, зино, туҳмат, бўҳтон қилмасликка, болаларингизни ўлдирмасликка, яхши ишга буюрган пайтимда менга осий бўлмасликка байъат беринглар. Кимки менга берган байъатига вафо қилса, унинг мукофотини Аллоҳнинг Ўзи беради. Кимки унинг қайсидир бандини бузса ва шу дунёда жазосини олса, олган жазоси гуноҳига каффорат бўлади. Кимки қайсидир бандини бузса ва унинг айбини Аллоҳ яширса, унинг иши Аллоҳга ҳавола бўлади. Аллоҳ истаса жазолайди, истаса кечиради». Ровий айтади: Бас, шу нарсаларга байъат бердим. Яна бир нусхада “байъат бердик”, дейилган.

 

Исломнинг элчиси Мадинада

 

Байъат бўлиб, мавсум тугагач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам байъат қилганларга бир одамни қўшиб юбордилар. Бу одам Ясрибдаги биринчи элчи бўлиб, у ердаги мусулмонларга Ислом шариатларини ўргатар, диний таълим берар ва ҳалигача мушриклигида қолганларни Исломга даъват этарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ишга собиқинлардан – энг аввал мусулмон бўлган Ислом йигитларидан бири - Мусъаб ибн Умайр Абдарий розияллоҳу анҳуни танладилар.

 

Орзу қилинган муваффақият

 

Мусъаб ибн Умайр Асъад ибн Зуроранинг уйига тушди. Иккиси биргаликда ясрибликларга Исломни берилиб, жўшқинлик билан тарқата бошладилар. Мусъаб «Муқриъ» (Қуръон ўргатувчи устоз) деб танилди.

Унинг даъват ишида қозонган муваффақиятларнинг энг ажойиби шу бўлдики, бир куни Асъад ибн Зурора у билан бирга Бану Абдил-Ашҳал ва Бану Зафарнинг ҳовлисига бормоқчи бўлди. Иккаласи Бану Зафарнинг бир қўрғонига кириб, Марақ номли бир қудуқнинг олдида ўтиришди. Уларнинг атрофига мусулмон бўлган кишилар тўпланишди. У пайтда ўз қавмларининг хожаси бўлган Саъд ибн Муоз билан Усайд ибн Ҳузайрлар ҳали мушрик ҳолларида эдилар. Уларнинг қудуқ олдида атрофларига одам тўплаб ўтиришганидан хабар топган Саъд Усайдга: «Бизнинг заифларимизни лақиллатиш учун келган анави иккаласининг олдига бориб, тийиб қўй, бизнинг ҳовлимизга келмайдиган қилиб қўй, Асъад ибн Зурора холамнинг ўғли бўлмаганида бу ишни ўзим қилган бўлардим», деди.

Усайд найзасини олиб, улар томонга кетди. Уни кўрган Асъад Мусъабга: «Мана бу одам ўз қавмининг саййиди, сенинг олдингга келяпти», бу одамни мусулмон бўлишини Аллоҳдан сидқидилдан сўра, деди. Мусъаб: «Агар ўтирса, гаплашардим», деди. Усайд келиб, уларнинг устида ўдағайлаб: «Нега келдинглар?! Заифларимизни лақиллатмоқчи бўляпсизларми?! Агар жонларингдан умидларинг бўлса, бу ердан кетинглар», деди. Мусъаб унга: «Ўтириб, гапимизни эшитиб кўрмайсанми, маъқул кўрсанг, қабул қиласан, ёқтирмасанг, биз кетамиз», деди. Усайд: «Тўғри айтасан», деди. Кейин найзасини санчиб қўйиб, ўтирди. Мусъаб унга Исломни тушунтириб, Қуръонни тиловат қилиб берди. Мусъаб айтади: Аллоҳга қасамки, у гапирмасидан олдин унинг юзида Исломни (мусулмон бўлганини) англадик. Унинг юзи ёришиб кетганди. У: «Нақадар гўзал, нақадар чиройли!» деб хитоб қилди. Кейин: «Бу динга кирмоқчи бўлган одам нима қилиши керак?» деб сўради.

Унга: «Ғусл қиласан, кийимларингни поклайсан, кейин калимаи шаҳодатни айтасан, ундан сўнг икки ракаат намоз ўқийсан», дейишди. У туриб, ғусл қилди, кийимини поклади, калимаи шаҳодатни айтди ва икки ракаат намоз ўқиди. Шундан сўнг: «Менинг ортимда шундай бир одам борки, агар у сизларга эргашса, қавмидан биронтаси ҳам қолмасдан ҳаммаси эргашадилар. Ҳозир уни сизларнинг ҳузурингизга йўллайман», деди ва найзасини олиб, Саъднинг олдига қараб кетди. Саъд ўзининг қавми орасида ўтирганди. Усайдни кўриб: «Аллоҳга қасамки, мана бу одам бу ердан чиқиб кетаётган пайтидаги кўринишидан бошқача бўлиб келяпти», деди.

Усайд жамоанинг олдига боргач, Саъд ундан: «Нима қилдинг?», деб сўраган эди, у: «Иккаласи билан гаплашдим, Аллоҳга қасамки, уларда ҳеч қандай ёмон нарсани кўрмадим, уларни қайтарган эдим, айтганингни қиламиз», дейишди, деб жавоб берди, сўнг: «Бану Ҳориса Асъад ибн Зурорани ўлдирмоқчи бўлиб чиқишгани ҳақида ҳам эшитдим, улар Асъад сенинг холаваччанг эканини билишади, шу боис сенинг шарафингни булғашмоқчи», деб қўшиб қўйди. Бу гапдан Саъд ғазабланиб, найзасини олиб, уларнинг олдига чиқиб кетди. Уларни хотиржам ҳолда кўргач, Усайднинг мақсадини, яъни, уни Мусъабларнинг сўзини эшитиши учун атай шундай йўл тутганини англади. Саъд уларни ҳақорат қилиб, сўнг Асъад ибн Зурорага: «Аллоҳга қасамки, эй Абу Умома, агар ўртамизда қариндошчилик бўлмаганида мендан кўрадиганингни кўрардинг, сен бизнинг ичимизга биз ёқтирмайдиган нарсани олиб келдингми?!», деди.

Асъад Мусъабга: «Аллоҳга қасамки, олдингга бир саййид келди, унинг ортида қавми турибди, агар у сенга эргашса, қавмидан биронтаси ҳам қолмасдан ҳаммаси эргашадилар», деб айтиб қўйганди. Шу боис Мусъаб Саъд ибн Муозга: «Биз билан ўтириб, гапимизни эшитиб кўрмайсанми, маъқул кўрсанг, қабул қиласан, ёқтирмасанг, ёқтирмаган нарсангни олдингдан олиб кетамиз», деди. Саъд: «Тўғри айтасан», деди-да, найзасини ерга санчиб ўтирди. Мусъаб унга Исломни тушунтириб, Қуръон тиловат қилиб берди. Мусъаб айтади: Аллоҳга қасамки, у гапирмасидан олдин унинг юзида Исломни (мусулмон бўлганини) кўрдик. Унинг юзи ёришиб кетганди. Кейин: «Бу динга кирмоқчи бўлган одам нима қилиши керак?», деб сўради. Унга: «Ғусл қиласан, кийимларингни поклайсан, кейин калимаи шаҳодатни айтасан, ундан сўнг икки ракаат намоз ўқийсан», дейишди ва у шу ишларнинг ҳаммасини бажарди.

Кейин найзасини олиб, қавмининг олдига кетди. Уни кўрган қавми: «Аллоҳга қасамки, у бошқача кўринишда қайтиб келяпти», дейишди.

Қавмининг олдига бориб:

- Эй Бану Абдул-Ашҳал, мени ўзингиз учун ким деб биласизлар, - деди.

- Сени бизнинг саййидимиз, энг яхши фикрлайдиганимиз, раҳбарликка лойиқроғимиз, деб биламиз, - дейишди улар.

- Ундай бўлса, то Аллоҳга ва Пайғамбарига иймон келтиргунларингга қадар сизларнинг эркагу аёлларингиз билан гаплашиш мен учун ҳаром.

Шу куниёқ уларнинг эркагу аёли ҳаммаси мусулмон бўлишди. Фақат биргина Усайрим деган киши анча кеч, Уҳуд жанги кунида Исломга кирди ва ўша куни жанг қилиб, жангда ўлдирилди, Аллоҳга бир марта ҳам сажда қилмади. Ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Оз амал қилиб, кўп ажр олди», деган эдилар.

Мусъаб Асъад ибн Зуроранинг уйида яшаб туриб, одамларни Исломга даъват қилди. Охир-оқибат ансорлар ичида Ислом кириб бормаган биронта хонадон қолмасдан, эркагу аёл ҳаммаси мусулмон бўлишди. Фақат Бану Умайя ибн Зайд, Хотма, Воил хонадонларигина қолди. Уларнинг орасида шоир Қайс ибн Аслат бўлиб, унга итоат этишарди. У уларни ҳижратнинг бешинчи йилигача, то Хандақ жанги пайтигача Исломдан тўхтатиб турди.

Кейинги ҳаж мавсуми, яъни, пайғамбарликдан сўнг ўн учинчи ҳаж мавсуми келишидан олдин Мусъаб ибн Умайр Маккага қайтиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга муваффақиятлар ҳақидаги суюнчли хабарни етказди ҳамда Ясриб қабилалари билан юз берган воқеаларни, у ердаги неъматларни, куч ва ҳимояни ҳикоя қилиб берди. 

 

Иккинчи Ақаба байъати

 

Пайғамбарликнинг ўн учинчи йили ҳаж мавсумида – 622 милодийнинг июнида – ясрибликлардан етмишдан ортиқроқ мусулмон қавмдошлари бўлмиш мушриклар билан бирга ҳаж ибодатларини адо этиш учун келдилар. Улар Ясрибдалик пайтларида ҳам, йўлда ҳам ўзаро бир-бирларига, қачонгача Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни Макка тоғларида қувғинга учраб, хавфсираб юришларига тек қараб турамиз, деган гапларни айтишарди.

Маккага келишгач, улар билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўрталарида махфий алоқалар ўрнатилиб, охир-оқибат ҳар икки томон ташриқ кунларининг ўртасида Ақабадаги дарада, яъни, Минодаги биринчи тош отиш жойи ёнида учрашишга ва бу учрашув атрофдан батамом сир сақланиб, тун қоронғусида бўлиб ўтишига келишилди.

Гапни ансорийларнинг бир етакчисига – Каъб ибн Молик ал-Ансорий розияллоҳу анҳуга қўйиб берайлик. У бизга бутпарастлик билан Ислом ўртасидаги кураш оқимини буриб юборган мана шу тарихий учрашувни тавсифлаб беради:

«Ҳажга бордик. Ташриқ кунларининг ўртасида Ақабада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан учрашишга ваъдалашдик. Биз билан бирга саййидларимиздан бири Абу Жобир Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ҳаром ҳам бор эди. Аслида биз қилаётган ишимизни ўзимиз билан бирга келган мушриклардан яширгандик. Унга эса бор гапни айтиб: «Эй Абу Жобир, сен саййидларимиздансан, улуғларимиздансан, биз сенинг эртага жаҳаннамга ўтин бўлишингни истамаймиз», дедик. Кейин уни Исломга даъват қилиб, Ақабада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бўладиган ваъдани, учрашувни ҳам айтдик. У мусулмон бўлиб, биз билан бирга Ақабада қатнашди ва 12 раҳбардан бири бўлди».

Каъб сўзида давом этади: «Ўша тун қавмимиз билан бирга ўз қўнимгоҳимизда ухладик. Кечанинг учдан бири ўтганидан кейин қўнимгоҳдан билдирмай чиқиб, оёқ учида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ваъдалашилган ерга етиб бордик ва Ақабада тўпландик. Биз етмиш уч эркак ва икки аёл эдик. Аёллар Нусайба бинти Каъб - Умму Аммора (Бану Мозин ибн Нажжордан) ва Асмо бинти Амр – Умму Маниъ (Бану Саламадан) эди.

Биз дарада тўпланиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кутиб турдик. У киши амакилари Аббос ибн Абдулмуттолиб билан бирга келдилар. Бу пайтда у ҳали ўз қавмининг динида эди. Шунга қарамасдан жиянининг ишида қатнашиб, ишонч ҳосил қилиб кетишни хоҳлабди. Биринчи бўлиб гапирган одам ҳам у бўлди.

 

Музокаранинг бошланиши ва Аббоснинг масъулиятнинг нақадар улканлигини тушунтириши

 

Ҳамма тўплангач, диний ва ҳарбий битим тузиш учун музокаралар бошланди. Биринчи бўлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амакилари Аббос ибн Абдулмуттолиб сўзлади. У шу битим туфайли улар ўз бўйинларига нақадар катта масъулиятни олаётганларини очиқ-ойдин тушунтириб, шундай деди:

«Эй Хазраж жамоаси (араблар ансорларни хазражлигини ҳам, авслигини ҳам «Хазраж», деб атарди), Муҳаммад бизнинг ичимизда қандай мақомда эканини биласизлар. Биз уни қавмимиздан, қавмимиз ичидаги ўзимизга ўхшаганлардан ҳимоя қилиб келяпмиз. У ўз қавми орасида азиз, ўз диёрида ҳимояга эга. Шундай бўлса-да, у сизларга бориб қўшилишни истаяпти. Агар сизлар бераётган аҳдларингга вафо қилиб, уни мухолифларидан ҳимоя қила олсангизлар, сизлар айтганча бўла қолсин. Лекин у сизлар билан кетганидан кейин уни ёрдамсиз ташлаб, душманларига бериб юборадиган бўлсангизлар, ҳозирданоқ бу ишни тўхтатинглар. Чунки у шундоқ ҳам ўз қавми орасида азиз ва ўз диёрида ҳимояга эга».

 Каъб айтади: Биз унга: «Айтган гапингни эшитдик. Энди эй Алллоҳнинг пайғамбари, ўзингиз гапиринг, ўзингиз учун ва Парвардигорингиз учун биздан ўзингиз истаган аҳдни олинг», дедик.

Бу жавобда уларнинг шу улкан масъулиятни ва унинг ортида турган хавфу хатарни кўтариш борасида нақадар қатъият, ишонч, иймон ва ихлос билан турганликлари ўз ифодасини топиб турибди.

Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларининг гапларини айтдилар. Сўнг байъат берилди.

 

Байъатнинг бандлари

 

Бу ишнинг тафсилотини Имом Аҳмад Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Жобир розияллоҳу анҳу айтади: Биз: «Ё Расулуллоҳ, сизга қайси ишларга байъат берайлик?», деган эдик, у киши шундай жавоб бердилар: «Фаолликда ҳам, эринчоқлик пайтларида ҳам қулоқ солиб, итоат этишга. Қийинчилик пайтларида ҳам, фаровон кунларда ҳам (бойлигу камбағалликда) инфоқ қилишга. Яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтаришга. Аллоҳ йўлида мустаҳкам туриб, бу йўлда маломатчининг маломатига қулоқ солмасликка. Сизларнинг диёрингизга борганимдан кейин менга ёрдам беришингизга, мени ўз жонларингни, аёл ва фарзандларингни ҳимоя қилгандек ҳимоя қилишларингизга байъат беринглар, шунда сизларга жаннат бўлади».

Ибн Исҳоқ ривоят қилган Каъбнинг ривоятида фақат охирги банд айтилган. Унда шундай дейилади: «Каъб айтди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам гапирдилар, Қуръон тиловат қилдилар, Аллоҳга даъват этиб, Исломга тарғиб қилдилар. Кейин: «Сизлар билан мени ўз аёлларингиз ва фарзандларингизни ҳимоя қилгандек ҳимоя қилишингизга байъатлашаман», дедилар. Шунда Баро ибн Маърур у кишининг қўлларидан тутиб: «Худди шундай, сизни ҳақ билан (пайғамбар қилиб) юборган Зотга қасамки, албатта сизни ўз жонимиз ва молимизни ҳимоя қилгандек ҳимоя қиламиз. Байъатлашаверинг эй Расулуллоҳ, зеро биз Аллоҳга қасамки, уруш фарзандларимиз, жанг майдонида катта бўлганмиз, бу нарсани ота-боболаримиздан мерос қилиб олганмиз».

Ровий сўзида давом этади: Баро Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга гапириб турган бир пайтда Абулҳайсам ибн Тайяҳон сўзга аралашиб: «Эй Аллоҳнинг пайғамбари, биз билан айрим одамлар ўртасида бир ришта бор, агар биз бу риштани, яъни, яҳудийлар билан алоқани узсак, сизни Аллоҳ ғолиб қилганидан кейин бизни ташлаб, қавмингизга кетиб қолмайсизми?», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам табассум қилиб: «Аксинча, қонга-қон, жонга-жон, мен сизларданман, сизлар мендансизлар, ким билан уруш қилсангиз, мен ҳам у билан уруш қиламан, ким билан тинч-тотув яшасангиз, мен ҳам у билан тинч-тотув яшайман», дедилар.

 

Байъат масъулияти нечоғли улканлигини яна бир бор таъкидлаш

 

Байъат шартлари атрофидаги сўзлашувлар тугаб, байъатни бошлашга қарор қилингач, нубувватнинг 11- ва 12- йиллари ҳаж мавсумида Исломни қабул қилган энг биринчи мусулмонлардан икки киши бирин-кетин ўринларидан туриб, қавмга масъулиятнинг нақадар улканлигини яна бир бор таъкидладилар. Токи, қавм нимага байъат бераётганини билиб, кейин байъат берсин. Бу билан улар қавмнинг ўзни фидо қилишга қанчалик тайёр эканликларига ишонч ҳосил қилиб олишни ҳам ўйлашганди.

Ибн Исҳоқ айтади: Энди байъат беришга келишиб туришган эди, Аббос ибн Убода ибн Назла: «Бу кишига нимага байъат бераётганингизни биласизларми?», деб қолди. Одамлар: «Ҳа, биламиз», дейишди. Шунда у: «Сизлар унга қизилу-қорага, барча-барчага қарши уруш қилишга байъат беряпсизлар, агар сизлар молингизга шикаст етиши ва улуғларингизнинг ўлдирилишидан қўрқиб, бу одамни душманларига топшириб юборадиган бўлсангиз, яхшиси ҳозирданоқ бу ишни тўхтатинглар. Чунки бундай қилиш дунёю охират шармандалигидир. Агар молингизга шикаст етса ҳам, улуғларингиз ўлдирилса ҳам аҳдингизга вафо қила олсангиз, Аллоҳга қасамки, бу иш дунёю охират яхшилигидир», деди.

Одамлар: «Молларимизга шикаст етишию улуғларимизнинг ўлдирилишидан ҳам қўрқмасдан аҳд берамиз. Аҳдимизга вафо қилсак, бунинг эвазига бизга нима тегади, эй Расулуллоҳ?» дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жаннат», деб жавоб бердилар. «Ундай бўлса, қўлингизни узатинг», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларини узатдилар ва улар байъат беришди.

Жобирнинг ривоятида бундай дейилади: Туриб байъат беришга киришаётган эдик, етмиш кишининг ичида энг ёши бўлган Асъад ибн Зурора у зотнинг қўлларидан ушлаб олиб: «Эй Ясриб аҳли, бироз шошманглар, биз бу кишини Аллоҳнинг пайғамбари эканликларини билганимиз учун ҳузурларига интилиб келдик, бугун уни бу ердан олиб чиқиб кетиш дегани ҳамма араблардан ажралиш, энг сараларингизнинг ўлдирилиши, сизларга қарши қиличлар қинларидан суғурилиши демакдир, агар шунга сабр қила олсангизлар, унинг қўлини ушланглар ва шу билан Аллоҳнинг ажру савобига сазовор бўлинглар, агар ўзларингиздан қўрқсангизлар, уни ўз ҳолига қўйинглар, шунда Аллоҳнинг олдига борганда узр айтишларингиз осонроқ бўлади», деди.

 

Байъатнинг ижро этилиши

 

Байъатнинг бандлари тан олиниб, юқорида айтилган таъкидлашлару ишонч ҳосил қилишлар амалга ошиб бўлгач, қўл бериб байъатлашиш бошланди. Жобир Асъад ибн Зуроранинг гапини ҳикоя қилиб бўлганидан кейин шундай дейди: «Шунда одамлар: «Эй Асъад, ол қўлингни, Аллоҳга қасамки, биз бу байъатни тарк ҳам қилмаймиз, кечга ҳам сурмаймиз», дейишди».

Ана шунда Асъад қавмнинг шу йўлда ўзини қурбон қилишга қанчалар тайёр эканини билди ва шунга ишонч ҳосил қилди – Мусъаб ибн Умайр билан биргаликда асосий даъватни у қилганди – Шундан сўнг, биринчи бўлиб у байъат берди. Ибн Исҳоқ айтади: Бану Нажжорликларнинг айтишларича Абу Умома Асъад ибн Зурора биринчи бўлиб қўлини узатди. Шундан кейин умумий байъат бошланди. Жобир айтади: Битта-битта бўлиб у кишининг ёнига бордик ва у киши биздан байъат олдилар. Бунинг эвазига бизга жаннат бериладиган бўлди.

 Шу воқеада қатнашган икки аёлдан байъат олиш сўз орқали бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳеч қачон бегона аёлнинг қўлини ушламаганлар.

 

Ўн икки раҳбар

 

Байъат тугаганидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўн икки киши раҳбар этиб сайланишини талаб қилдилар. Улар шу байъатнинг бандлари ижро этилишида ўз қавмлари устидан жавобгар бўлдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ўзларингиздан менга ўн икки раҳбарни чиқариб берингларки, улар ўз қавмлари устидан жавобгар бўлсинлар», дедилар.

Сайлов дарҳол амалга оширилди. Тўққиз киши Хазраждан, уч киши эса Авсдан сайландилар. Қуйида уларнинг номларини келтирамиз.

 

Хазраж раҳбарлари:

1. Асъад ибн Зурора ибн Адас

2. Саъд ибн Рабиъ ибн Амр

3. Абдуллоҳ ибн Равоҳа ибн Саълаба

4. Рофеъ ибн Молик ибн Ажлон

5. Баро ибн Маърур ибн Сохр

6. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ҳаром

7. Убода ибн Сомит ибн Қайс

8. Саъд ибн Убода ибн Дулайм

9. Мунзир ибн Амр ибн Хунайс

 

Авс раҳбарлари:

1. Усайд ибн Ҳузайр ибн Симок

2. Саъд ибн Хайсама ибн Ҳорис

3. Рифоа ибн Абдулмунзир ибн Зубайр

 Бу раҳбарлар сайлаб бўлингач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улардан масъул раҳбарлар сифатида алоҳида аҳд олиб: «Сизлар қавмингиз устидан худди ҳаворийлар Исо алайҳиссаломга кафил бўлганларидек кафил бўласизлар, мен эса ўз қавмим – яъни мусулмонлар – устидан кафилман», дедилар. Улар: «Хўп бўлади», дейишди.

 

Битимни фош қилган шайтон

 

Битим тузилиб, қавм энди тарқалмоқчи бўлиб турганида уни бир шайтон фош қилиб қўйди. Фош қилиш охирги лаҳзаларда рўй берди. Қурайшнинг катталарига бу хабарнинг махфий суратда етиб бориши мумкин эмасди. Шунинг учун улар дарада тўпланиб турганларга қўққисдан бостириб келмадилар. Бу хабарни бир шайтон тарқатди. У бир баландликка чиқиб, ҳамма эшитадиган овоз билан: «Эй халойиқ, сизларга Музаммам (айбланган, мазаммат қилинган мушриклар Муҳаммад-мақталганни аксини қасд қилиб шундай дейишарди) ва у билан бирга диндан қайтганларни кўрсатайми, улар сизлар билан жанг қилиш учун тўпланиб турибдилар», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бу Ақабанинг Азаб номли ажинаси, эй Аллоҳнинг душмани, ҳозир сенга кўрсатаман» дедилар. Кейин уларга тарқалиб, манзилларига қайтиб кетишга амр этдилар.

 

Ансорларнинг Қурайшга зарба беришга тайёрликлари

 

Шайтоннинг жари эшитилган пайтда Аббос ибн Убода ибн Назла: «Сизни ҳақ билан юборган Зотга қасамки, агар истасангиз, эртагаёқ Мино аҳлининг устига қиличларимиз билан бостириб борамиз», деди.

 Бунга жавобан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Биз ҳали бундай қилишга буюрилмадик, ўз жойингларга қайтиб кетинглар», дедилар. Улар қайтиб кетишиб, тонг оттирдилар.

 

Қурайш Ясриб раисларига ҳужжат тақдим этади

 

Бу хабар Қурайшнинг қулоғига етиб боргач, уларнинг тинчи бузилди. Чунки улар бу байъатнинг оқибати ўз жонлари ва молларига нисбатан нималарга олиб бориши мумкинлигини жуда яхши билардилар. Шунинг учун тонг отиши билан Макка раҳбарларидан тузилган катта бир гуруҳ ясрибликларнинг чодирларига боришиб, шу шартнома хусусидаги ҳужжатларини тақдим қилишиб, бундай дейишди: «Эй Хазраж жамоаси, эшитишимизча, сизлар мана бу одамнинг олдига уни бизнинг орамиздан олиб кетиш ва бизга қарши уруш қилиш учун унга байъат бергани келибсизлар. Аллоҳга қасамки, араб қабилалари орасида биз кўпроқ сизлар билан ўртамизда уруш чиқишини истамаймиз».

Байъат тун қоронғусида махфий тарзда бўлиб ўтгани учун Хазраж мушрикларининг ҳеч нарсадан хабарлари йўқ эди. Шунинг учун улар Аллоҳнинг номига қасамлар ичишиб, ҳеч нарса бўлгани йўқ, ҳеч нарсадан хабаримиз йўқ, дейишди. Улар Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салулнинг олдига ҳам келишган эди, у: «Бекор гап, бундай иш бўлгани йўқ, қавмим менинг буйруғимсиз бундай ишларни қилмайди, агар мен Ясрибда бўлганимда қавмим мен билан маслаҳатлашмай туриб, бундай қилмаган бўларди», деди.

Мусулмонлар эса бир-бирларига қарашиб, индамай тураверишди. Улардан биронтаси бу гапни тасдиқлагани ҳам йўқ, унга эътироз ҳам билдирмади.

Қурайш раҳбарлари мушрикларни тасдиқлашга мажбур бўлишиб, ноумид бўлган ҳолда қайтиб кетишди.

 

Қурайшнинг хабар тўғрилигини аниқлаши ва байъат берганларнинг ортидан қувиши

 

Қурайш катталари бу хабарнинг ёлғонлигига ишониб-ишонмай қайтишди. Лекин бу ишни яна ҳам чуқурроқ текширишиб, унинг тўғрилигини, байъат ҳақиқатан бўлиб ўтганини аниқлашди. Бу иш ҳожилар ватанларига қайтиб кетишганидан кейин рўй берди. Отлиқлар ясрибликларни қувиб кетишди. Вақт ўтиб бўлганди. Бироқ улар Саъд ибн Убода билан Мунзир ибн Амрни кўриб қолишиб, ортларидан қувишди. Мунзир уларни доғда қолдириб кетди. Саъдни эса ушлаб олишди. Отининг айили билан икки қўлини бўйнига боғлашиб, уриб, судраб, сочидан тортиб, Маккага олиб боришди. Мутъим ибн Адий билан Ҳорис ибн Ҳарб ибн Умайялар келиб, Саъдни уларнинг қўлларидан қутқариб олишди. Чунки Саъд уларнинг Мадинадан ўтадиган карвонларини ўз ҳимоясига оларди. Ансорлар уни йўқотиб қўйиб, орқага қайтиш ҳақида маслаҳатлашиб турган эдилар, қарасалар, кутилмаганда у кўриниб қолди. Шу билан қавмнинг ҳаммаси Мадинага етиб борди.

Катта Ақаба байъати, деб номланадиган иккинчи Ақаба байъати – мана шу. Бу байъат турли мўминлар ўртасидаги ўзаро муҳаббат, ҳамкорлик, ишонч ва шу йўлдаги шижоат, жасорат ва дўстлик руҳида ўтди. Маккадаги мустазъаф (ёрдамга муҳтож) мўминни ўйлаб, Ясрибдаги мўминнинг ичи ачишарди. Унга зулм қилаётганлардан нафратланарди. Аллоҳ учун ғоибона яхши кўрган шу биродарига нисбатан ич-ичидан яқинлик туйғулари тошиб чиқарди.

Бу туйғулар кунлар ўтиши билан йўқолиб кетадиган ўткинчи туйғулар эмасди. Улар Аллоҳга, Пайғамбарга, Қуръонга бўлган иймон манбаидан тошиб чиққан туйғулар эди.

Иймонки, зулму тажовузкорликнинг ҳар қандай кучи уни эга олмайди.

Иймонки, шабодалари эсган пайтида эътиқод бобида ҳам, амал бобида ҳам кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ажойиботларни юзага келтиради. Мана шу иймон билан мусулмонлар тарих зарварақларига ўхшаши ўтмишда ҳам юз бермаган, келажакда ҳам юз бермайдиган қаҳрамонликларни битдилар.

 

Илк ҳижратлар

 

Иккинчи Ақаба байъати амалга ошиб, Ислом куфру жаҳолатга тўла саҳро ичидан ўзига бир ватан ҳосил қилиш имкониятига эга бўлгач – бу нарса даъват бошланганидан буён Ислом қўлга киритган энг катта ютуқ эди – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонларга шу ватанга ҳижрат қилишларига рухсат бердилар.

Ҳижратнинг маъноси манфаатлардан воз кечиш, молу дунёни қурбон бериш, ёлғиз жоннинг ўзинигина асраб қолиш дегани эди. Ҳатто шу жоннинг ўзи ҳам йўлнинг бошидами, охиридами бой берилиши эҳтимолдан узоқ эмасди. Ҳижрат бу - номаълум тарафга йўл олиш, оқибат нима бўлишини билмасдан таваккалига қадам ташлаш эди.

Мусулмонлар мана шуларнинг ҳаммасини билганлари ҳолда ҳижрат қила бошладилар. Мушриклар бу иш ортидаги хавфни сезганлари боис уларнинг ҳижратларига тўсқинлик қилардилар. Қуйида ана шулардан айрим намуналарни келтирамиз:

1. Дастлабки муҳожирлардан бири Абу Салама эди. Ибн Исҳоқнинг айтишича, у Катта Ақабадан бир йил олдин хотини ва ўғли билан бирга ҳижратга отланди. Чиқиб кетишга қарор қилган пайтида қайнағалари «Сен оилангни эмас, ўз жонингни ўйлаяпсан, бу қизимизни сенга қўйиб берсак, уни юртма-юрт олиб юриб, сарсон қиласан», дейишиб, хотинини ундан тортиб олишди. Абу Саламанинг хонадони бундан ғазабланиб, ўғлимиздан қизларингни тортиб олдингларми, тамом, энди унинг ўғлини ҳам қизларинг билан яшашига йўл қўймаймиз, дейишди ва боласини талашиб, тортиб (бу аснода унинг қўлини чиқариб ҳам олдилар) олиб кетдилар. Абу Саламанинг ёлғиз ўзи Мадинага ҳижрат қилди. Умму Салама эри кетиб, ўғлидан ажралиб қолганидан кейин ҳар куни эрталаб чўлу биёбонга чиқиб кетиб, кечгача йиғлаб юрарди. Бир йилга яқин шу алфозда яшади. Қариндошларидан бирининг унга раҳми келиб, келинглар, шу бечорани кетказиб юборайлик, уни эри ва боласидан ажратиб, қийин аҳволга солиб қўйдинглар, деди. Шундан сўнг унга: «Истасанг эрингнинг олдига кетавер», дейишди. Ўғлини ҳам қайтариб олгач, Умму Салама тақрибан беш юз километр узоқликдаги Мадинага қараб тоғу-тошлару ҳалокатли саҳролар ичра ёлғиз ўзи йўлга чиқди. Танъим деган жойга етганида Усмон ибн Талҳа ибн Аби Талҳани учратиб қолди. Усмон унинг аҳволидан хабардор бўлгач, уни Мадинагача кузатиб борди. Қубо кўринадиган жойгача етганларидан кейин «Эринг мана шу шаҳарда, Аллоҳнинг баракаси ила боравер», деб ўзи Маккага қайтиб кетди.

2. Суҳайб ибн Синон Румий ҳижрат қилмоқчи бўлганида Қурайш кофирлари: «Бизнинг олдимизга камбағал, ялангоёқ бўлиб келгандинг, энди мол-давлатинг кўпайганидан кейин бу ерда орттирган давлатингни олиб кетмоқчи бўляпсанми, йўқ, бунақаси кетмайди», дейишди. Шунда Суҳайб: «Агар мол-давлатимни сизларга берсам, мени қўйиб юборасизларми», деди. Улар рози бўлишди. Шундан сўнг у мол-давлатини мушрикларга бериб, ўзи юртдан чиқиб кетди. Бу воқеадан хабар топган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Суҳайб фойда қилибди, Суҳайб фойда қилибди», дедилар.

3. Умар ибн Хаттоб, Айёш ибн Абу Рабиа ва Ҳишом ибн Ос ибн Воиллар эрталаб Сарифдан юқорироқдаги Танозуб деган жойда кўришиб, у ердан Мадинага ҳижрат қилишга ваъдалашдилар. Умар билан Айёш учрашдилар. Аммо Ҳишом ушланиб қолди.

Иккалови Мадинага келишиб, Қубога тушдилар. Ортларидан Абу Жаҳл билан унинг укаси Ҳорис Айёшнинг олдига келишиб, (бу учаласи она бир ака-укалар бўлиб, оналари Асмо бинти Мухарриба эди) «Онамиз то сени кўрмагунча бошимга тароқ ҳам урмайман, қуёшдан сояга ҳам ўтмайман, деб назр қилди, унга раҳминг келсин», дейишди. Шунда Умар: «Эй Айёш, Аллоҳга қасамки, қавминг сени динингдан оздирмоқчи бўляпти, холос. Улардан эҳтиёт бўл, Аллоҳга қасамки, агар онангнинг сочини бит босиб кетса, уни тарайверади, Макканинг қуёши қиздириб юборса, сояга ўтаверади», деди. Айёш Умарнинг гапига қулоқ солмай, онасининг қасамини оқлаб қўйиш учун ака-укалари билан йўлга чиқмоқчи бўлди. Унинг қарори қатъийлигини кўрган Умар: «Ҳамонки, бу шаштингдан қайтмас экансан, менинг мана бу туямни ол, у яхши, итоатли туя, унга миниб ол, агар бирор шубҳали ҳаракатни сезгудек бўлсанг, улардан қочиб қутулишинг осон бўлади», деди. Айёш ака-укалари билан йўлга чиқди. Анча йўл юришгач, Абу Жаҳл унга: «Эй ука, менинг туям дағаллашиб қолди, мени ҳам ўз туянгга мингаштириб олмайсанми», деди. Айёш рози бўлиб, туясини чўктирди. Ерга тушганларидан кейин мушрик акалари унга ташланишди ва чандиб боғлаб ташлашди, сўнг кундуз кунда Маккага кириб боришиб: «Эй Макка аҳли, ораларингиздаги ақлсизларни мана бундай қилиб, бизга ўхшатиб, ақлини киритиб қўйинглар», деб жар солишди.

Мана сизга Макка мушрикларининг ҳижрат қилмоқчи бўлганларни билиб қолишса, уларни не кўйларга солганларидан уч намуна. Лекин шунга қарамасдан одамлар бирин-кетин, тўп-тўп бўлиб, юртдан чиқиб кетдилар. Катта Ақаба байъатидан икки ою бир неча кун ўтиб, Маккада мусулмонлардан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, Абу Бакр ва Алийдан бошқа ҳеч ким қолмади. Абу Бакр ва Алий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқлари билан қолишганди. Булардан ташқари мушриклар мажбурлаб олиб қолганлар ҳам бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам йўл ҳозирлигини кўриб бўлган, фақат чиқиб кетиш ҳақидаги буйруқни кутиб турардилар. Абу Бакр ҳам йўл ҳозирлигини кўриб қўйганди.

Имом Бухорий Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонларга: «Мен сизлар ҳижрат қиладиган диёрни кўрдим, у икки тошлоқ ўртасидаги хурмозор экан», дедилар. Мадинага ҳижрат қилганлар ҳижрат қилдилар. Ҳабашистонга ҳижрат қилганларнинг ҳам кўпчилиги Мадинага қайтишди. Абу Бакр ҳам Мадинага кетишга отланиб турган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Шошмай туринг, менга ҳам рухсат этилишини умид қилиб турибман», дедилар. «Ота-онам сизга фидо бўлсин, сиз ҳам шуни умид қиляпсизми?», деди Абу Бакр. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳа», деб жавоб бердилар. Абу Бакр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳамроҳ бўлиш учун тўхталиб турди. Ўзининг ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туяларига самар (акас) дарахтининг баргларидан бериб, уларни емлаб турди. Бу ҳолат тўрт ой давом этди.

 

Дорун-надвада

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари йўл ҳозирлигини кўриб, мол-дунёларию бола-чақаларини олиб Авс ва Хазражга қараб кетишаётганини кўрган мушриклар тинчини йўқотдилар, олдин ҳеч кузатилмаган талвасага тушиб қолдилар. Ҳа, уларнинг қаршисида ҳақиқий хатар бўй кўрсатаётган эди. Уларнинг бутпарастликларию иқтисодларига нисбатан таҳдид аломатлари кўрина бошлаганди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг одамларга таъсир кўрсатиш қувватлари нақадар улканлигини, йўл кўрсатишу бошқарувчиликда ҳам ўта моҳир эканликларини, саҳобалардаги қатъият, барқарорлик ва фидоийликни, шу билан бирга Авс ва Хазраж қабилалари қанчалар катта кучга, ҳимояга эгалигини, бу икки қабиланинг оқиллари узоқ йиллардан буён давом этиб келаётган ички урушлардан безиб, тинчлик, тотувлик йўлларини астойдил ахтараётганларини жуда яхши билардилар.

Шунингдек, улар Ямандан Шом сари боришда Қизил денгиз соҳилидан ўтадиган савдо йўлларига нисбатан Мадина қанчалар стратегик аҳамиятга эгалигидан ҳам хабардор эдилар. Маккаликлар Шом билан йилига чорак миллион олтин динорлик савдо алоқаларини йўлга қўйгандилар. Маълумки, бу савдонинг амалга ошиши йўлдаги хавфсизлик билан чамбарчас боғлиқ.

Хуллас, Исломий даъватнинг Ясрибда марказлашуви жуда улкан хавф туғдириши Қурайш учун сир эмасди.

Мушриклар ўз вужудларига, давлатларига нисбатан туғилган хавфнинг тобора улканлашиб бораётганини ҳис қилишиб, бу хатарни даф қилишнинг энг муваффақиятли усулларини қидира бошладилар. Бу хавфнинг ягона манбаи Исломга даъват қилиш байроғини юқори кўтариб чиққан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам эдилар.

Пайғамбарликнинг 14- йили 26- Сафарида – 622- милодийнинг 12- Сентябрида - пайшанба куни яъни, Катта Ақаба байъатидан тахминан икки ярим ой ўтиб, Макка маслаҳат кенгаши (Дорун-надва) куннинг биринчи қисмида ўз тарихидаги энг хатарли йиғинни ўтказди. Исломий даъват байроғини кўтариб чиққан шахсни бартараф этиб, унинг нурини батамом сўндириш режасини тузиш учун бу йиғинга Қурайшнинг ҳамма қабилаларидан вакиллар келди.

Вакиллар ичида энг кўзга кўринганлари қуйидагилар эди:

1) Абу Жаҳл ибн Ҳишом (Бану Махзум қабиласидан).

2, 3, 4) Жубайр ибн Мутъим, Туайма ибн Адий ва Ҳорис ибн Омир (Бану Навфал ибн Абдиманофдан).

5, 6, 7) Рабианинг икки ўғли Шайба ва Утба ҳамда Абу Суфён ибн Ҳарб (Бану Абдишамс ибн Абдиманофдан).

8) Назр ибн Ҳорис (Бану Абдиддордан).

9, 10, 11) Абулбухтарий ибн Ҳишом, Замъа ибн Асвад ва Ҳаким ибн Ҳизом (Бану Асад ибн Абдилуззодан).

12, 13) Ҳажжожнинг икки ўғли Нубайҳ билан Мунаббиҳ (Бану Саҳмдан).

14) Умайя ибн Халаф (Бану Жумаҳдан).

Белгиланган фурсатда Дорун-надвага келган пайтларида уларга ёши улуғ мўйсафид суратида шайтон қарши чиқди. Эгнида дағал кийим бўлиб, эшик олдида турарди. Келганлар «Бу мўйсафид ким бўлди?», деб сўрашган эди, «Ваъдалашганингизни эшитиб, гапларингга қулоқ солиш учун келган Наждлик бир оқсоқолман, эҳтимол менинг ҳам бирор фикр ва тавсиям асқотиб қолар», деб жавоб берди. Улар: «Маъқул, киравер», дейишди. Шундай қилиб, шайтон ҳам улар билан бирга кирди.

 

Кенгашнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўлдириш ҳақидаги энг ёвуз қарорни қабул қилиши

 

Ҳамма йиғилиб бўлгач, таклиф ва ечимлар ўртага ташлана бошлади ва улар устида узоқ муддат мунозара олиб борилди.

Абул-Асвад: «Уни юртимиздан чиқариб юборамиз, орамиздан ҳайдаймиз, қаёққа кетишию қаёққа бориши билан ишимиз бўлмайди, кейин ўзимизнинг ишларимизни йўлга солиб, боягидек яшайверамиз», деди.

Бунга жавобан наждлик чол шундай деди: «Йўқ, Аллоҳга қасамки, бу фикр тўғри эмас, унинг чиройли гапиришини, ширинсуханлигини, одамларнинг қалбларини ўзига мойил қила олишини билмайсизларми? Аллоҳга қасамки, агар шундай қиладиган бўлсангизлар, у арабларнинг бирон қавмига бориб, уларни ўзига тобе қилади-да, сизларнинг устингизга бошлаб келади ва хоҳлаган ишини қилади. Хуллас, бу фикр бўлмайди, бошқасини топинглар».

Абулбухтарий:«Уни темир кишанга солиб, бир уйга қамаб қўйиб, ўлгунича шу ерда қолдириш керак, шунда у ҳам олдинги Зуҳайр ва Нобиғадек ўзига ўхшаган шоирлар каби адабини ейди», деди.

Бунга жавобан наждлик чол шундай деди: «Йўқ, Аллоҳга қасамки, бу фикр ҳам тўғри эмас. Уни қамаб қўядиган бўлсангизлар, у қамалган жойида туриб ҳам саҳобаларига ўз буйруқларини етказаверади. Уларнинг устингизга бостириб келиб, уни сизларнинг қўлингиздан қутқариб кетишлари, кейин кўпайишиб, сизларни мағлуб этишлари ҳам эҳтимолдан холи эмас. Хуллас, бу фикр ҳам бўлмайди».

Кенгаш бу икки таклифни рад этгач, ҳаммага мақбул бўладиган энг қабиҳ, энг ёвуз таклифни Маккадаги энг ёвуз, энг қабиҳ кимса – Абу Жаҳл ибн Ҳишом ўртага ташлади:

- Аллоҳга қасамки, менда шундай бир фикр борки, ҳаммаларингиз унга рози бўлсангизлар керак, деб ўйлайман.

- У қандай фикр экан, эй Абул Ҳакам? - деб сўрашди.

- Ҳар бир қабиладан кучли, насабли, ўрта ёшли бир йигитни олиб, уларнинг ҳар бирига биттадан ўткир қилични берамиз. Ҳаммаси бирданига қилич уриб, уни ўлдирадилар. Шу билан биз ундан қутуламиз. Шундай қилинса, унинг қони ҳамма қабилаларга сочилиб кетади-да, Бану Абдуманоф уларнинг ҳаммасига қарши уруш очолмайди ва товон пули олишга рози бўлади ва биз уни тўлаб қўя қоламиз.

Бунга жавобан наждлик чол: «Бу одам тўғри айтди, шундан тўғрироқ фикр бўлмаса керак, деб ўйлайман», деди. Шу билан Макка маслаҳат кенгаши мана шу энг ёвуз, энг қабиҳ қарорни қабул қилди. Вакиллар шу қарорни зудлик билан амалга ошириш режасини тузиб, уйларига қайтиб кетдилар.



[1] Саҳиҳул Бухорий, «Китобу бадъил холқ»: 3231, 7389-ҳ. Фатҳул Борий: 6/360, Муслим: 2/109.

[2] Ибн Ҳишом: 1/381, Зодул маъод: 2/46, 47.

[3] Саҳиҳул Бухорий: 2/573.

[4] Айб-нуқсон, песга ўхшаш.

[5] Мадина яқинидаги жой номи

[6] Самовот оламидаги малоикалар қибласи бўлган муқаддас уй, масжид.

[7] Ваид - ёмон оқибатдан огоҳлантириш.


Qayd etilgan


lolo  24 Noyabr 2009, 05:56:23

РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМНИНГ ҲИЖРАТ ҚИЛИШЛАРИ

 

Қурайшнинг макри билан Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг тадбири ўртасида

 

Бундай махфий йиғилишлардан кейин унинг исини чиқармаслик ва бирор кимсанинг дилида шубҳа уйғониб қолмаслиги учун кундалик одатга зид ишлар қилинмайди. Қурайш ҳам шундай қилди. Аммо унинг бу иши Аллоҳ таолога қилган макри эди. Шунинг учун Аллоҳ унинг найрангини, режасини ўзи сезмайдиган тарафдан пучга чиқарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўлдириш ҳақидаги бу ёвуз қарор қабул қилингач, Улуғ ва Буюк Парвардигор Жаброил алайҳиссалом воситасида у кишини Қурайшнинг хуфёна режасидан хабардор қилди ва чиқиб кетишларига изн берди. Жаброил алайҳиссалом ҳижратнинг вақтини белгилаб, Қурайшнинг макрини барбод қилиш режасини баён қилди, сўнг: «Бу кеча одатда тунайдиган жойингизда ётманг», деди.

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қандай ҳижрат қилишга келишиб олиш учун кун қизиган пайтда Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг уйига бордилар.

Оиша розияллоҳу анҳо айтади: Биз куннинг қаттиқ қиздирган пайти Абу Бакрнинг уйида ўтирган эдик. Кимдир Абу Бакрга: «Ие, мана бу юзини ўраб олган одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам-ку», деб қолди. У киши одатда бизникига бундай пайтда келмасдилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: «Ота-онам унга фидо бўлсин, шундай пайтдаки келибдиларми, демак қандайдир муҳим иш чиқиб қолган», деди.

Оиша розияллоҳу анҳо сўзида давом этади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келиб, киришга изн сўрадилар. Рухсат этилгач, ичкарига кирдилар. Кейин Абу Бакрга: «Уйдагилар чиқиб туришсин», дедилар. Абу Бакр: «Ё Расулуллоҳ, ота-онам сизга фидо бўлсин, улар ўзингизнинг аҳлингиз-ку», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Менга чиқиб кетишга изн берилди», дедилар. Абу Бакр: «Ота-онам сизга фидо бўлсин, мен сизга ҳамроҳ бўламанми?», деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳа», деб жавоб бердилар.

Абу Бакр билан ҳижрат режасини тузиб олганларидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйларига қайтиб, кеч киришини кутиб турдилар. Ҳижратга ҳозирланаётганларини биров сезиб қолмаслиги учун одатий кундалик ишлари билан машғул бўлдилар.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уйлари қуршаб олиниши

 

Қурайшнинг энг катта жиноятчилари кунни эрталаб кенгаш қабул қилган энг қабиҳ, энг ёвуз қарорни амалга оширишга тайёргарлик кўриш билан ўтказдилар. Бу иш учун ўша жиноятчилар орасидан ўн бир раисни сайладилар. Улар қуйидагилар:

1. Абу Жаҳл ибн Ҳишом.

2. Ҳакам ибн Абул Ос.

3. Уқба ибн Аби Муайт.

4. Назр ибн Ҳорис.

5. Умайя ибн Халаф.

6. Замъа ибн Асвад.

7. Туайма ибн Адий.

8. Абу Лаҳаб.

9. Убай ибн Халаф.

10. Нубайҳ ибн Ҳажжож.

11. Мунаббиҳ ибн Ҳажжож.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одатда хуфтондан кейин туннинг аввалги қисмида ухлаб олиб, ярим кечаси бўлганида тунни ибодат билан ўтказиш учун Масжидул-Ҳаромга чиқиб кетардилар. Ўша куни Алийни ўз ўринларида ётишга ва ўзларининг яшил ҳазрамий чопонларини ёпиниб олишга буюриб, унга ҳеч қандай зарар етмаслигини айтдилар.

Ибн Исҳоқ айтади: Тун қоронғулашиб, атрофга сукунат ҳукмрон бўлган ва одамлар ширин уйқуга чўмган пайтда мазкур кимсалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уйлари олдида тўпланишди, у кишини ухлаб ётган гумон қилишиб, туриб чиқиши билан босамиз-да, режамизни силлиққина амалга оширамиз, деб пойлаб ўтиришди.

Улар ўзларининг бу разил режалари амалга ошишига тўла ишонч ҳосил қилгандилар. Ҳатто Абу Жаҳл атрофни қуршаб турганларга кибр ва истеҳзо билан: «Муҳаммаднинг даъвосига кўра, агар сизлар унга тобе бўлсангиз, арабу ажамга подшоҳ бўлар эмишсиз, ўлганингиздан кейин қайта тирилиб, Иордания боғлари каби жаннатларга кирармишсиз, агар унга тобе бўлмасангиз, қайта тирилганингиздан кейин дўзахда ёнармишсиз», дерди.

Бу режани амалга ошириш вақти этиб ярим тундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйларидан чиқадиган пайтни белгилашган эди. Улар тун ярим бўлишини кутиб, уйғоқ турардилар. Лекин Аллоҳ Ўз ишига Ғолиб, еру осмонлар мулки Унинг қўлида, У истаган ишини қилувчи Зот, ҳамма Унга муҳтож, У эса ҳеч кимга муҳтож эмас. У Зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга кейинроқ мана бундай деб хитоб қилган ишни қилди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Кофирлар сизни ҳибс қилиш ё ўлдириш, ёки (Маккадан) чиқариб юбориш учун сизга макр қилган пайтларини эсланг! Улар макр қилурлар, Аллоҳ ҳам «макр» қилур. Аллоҳнинг макри кучлироқдир» (Анфол: 30).

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз уйларини тарк этадилар

 

Қурайш ўз режасини амалга оширишга ўта пухта ҳозирлик кўрганига қарамай у шармандаларча муваффақиятсизликка учради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ташқарига чиқиб, уларнинг сафларини ёриб ўтарканлар, ердан бир сиқим тупроқ олиб, уларнинг бошларига сочиб, «Ва Биз уларнинг олдиларидан ҳам, ортларидан ҳам бир тўсиқ – парда қилиб, уларни ўраб қўйдик. Бас улар кўра олмаслар» (Ясин: 9) оятини ўқиб боравердилар. Аллоҳ таоло уларнинг кўзларини олди ва улар ҳеч нарсани кўрмай қолдилар. Уларнинг орасида бошига тупроқ тегмаган одам қолмади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакрнинг уйига бордилар. Иккаласи тунда Абу Бакрнинг ҳовлисидаги дарчадан чиқишиб, Яман йўлидаги Савр ғорига етиб бордилар.

Қамал қилиб турганлар ҳал қилувчи фурсат келишини кутиб турардилар. Тун ярим бўлишига бироз вақт қолганида уларнинг режаларидан хабарсиз бир киши келиб қолди, эшик олдида туришганини кўриб, улардан:

- Кимни кутяпсизлар?, - деб сўради.

- Муҳаммадни, жавоб беришди улар.

- Ҳолларингга вой бўлсин! Аллоҳга қасамки, ҳозиргина у бошларингга тупроқ сепиб, ёнгиналарингдан ўтиб, ўз юмушига кетди.

- Аллоҳга қасамки, биз уни кўрганимиз йўқ. Шундай деб улар бошларидаги тупроқни қоқа бошладилар.

Лекин барибир эшикнинг тирқишидан қарашиб, Алийнинг ухлаб ётганини кўришди ва: «Аллоҳга қасамки, мана шу ухлаётган Муҳаммад, устида унинг чопони турибди», дейишиб, эрталабгача турган жойларидан кетмасдан тураверишди. Ўриндан Алий туриб чиққач, уларнинг қўлтиқларидан тарвузлари тушди. Ундан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақида сўрашган эди, у: «Билмайман», деб жавоб берди.

 

Уйдан ғоргача

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбарликнинг 14- йили 27- Сафарда, милодий сана билан 622- йилнинг 12- ё 13- Сентябрида ўз уйларини тарк этиб, қадрдон дўстлари ва энг ишончли кишилари бўлмиш Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг уйига келдилар. Кейин иккаласи орқа эшикдан тонг отмасидан олдин шошилинч тарзда Маккадан чиқиб кетишди.

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ортларидан Қурайш қувиб боришини билганлари боис биринчи бўлиб диққат қаратиладиган тараф, яъни, шимол томондаги Мадинага олиб борувчи асосий йўл қолиб, унга батамом қарама-қарши бўлган тарафга яъни, жанубдаги Яман сари йўл олдилар. Шу йўлдан беш милча юриб, Савр тоғига етиб бордилар. Бу улкан тоғ бўлиб, йўллари эгри-бугри, тошлари кўп бўлганлигидан унга чиқиш қийин эди. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оёқлари оғриб, юришга ярамай қолди. Яна бир қавлда айтилишича, излари билинмаслиги учун оёқларининг учлари билан юрганликлари учун шундай бўлган. Нима бўлганда ҳам тоққа етиб борганларида у кишини Абу Бакр кўтариб олган. Унга ҳам оғирлик қила бошлаган пайтда тоғ чўққисидаги Савр ғорига етиб борганлар.

 

Ғорда

 

Ғорга етиб борганларида Абу Бакр: «Аллоҳга қасамки, сиз кирмай турасиз, олдин мен бир кириб чиқаман, агар у ерда бирор (зиён қиладиган) нарса бўлса, сиздан олдин менга тегсин», деб ичкарига кириб, супуриб тозалади. Бир тешикни кўриб қолган эди, изоридан бир парча йиртиб уни беркитди. Яна икки тешик бор эди, уларни оёқлари билан тўсди. Шундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Кираверинг», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кирдилар ва бошларини Абу Бакрнинг қучоғига қўйиб ухлаб қолдилар. Тешикдан нимадир чиқиб, Абу Бакрнинг оёғини чақди. У эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уйғониб кетишларидан қўрқиб, қимирламай тураверди. Кўз ёшлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёноқларига оқиб тушди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизга нима бўлди, эй Абу Бакр?», дедилар. У: «Ота-онам сизга фидо бўлсин, мени нимадир чақиб олди», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўша жойга туфлаб қўйган эдилар, оғриқ йўқолди.

Ғорда уч кеча - Жума, Шанба ва Якшанба кечалари беркиниб ётишди. Абу Бакрнинг ўғли Абдуллоҳ улар билан бирга тунарди.

Оиша розияллоҳу анҳо айтади: У тарбияли, зукко бола эди. Тонг отишидан аввал ғордан чиқиб кетар, саҳарда Қурайшнинг олдида бўлиб, ўзини худди Маккада тунагандек қилиб кўрсатарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарши тузилаётган найранглар ҳақида нимани эшитса, қоронғу тушиши билан келиб етказарди. Абу Бакрнинг озод қилиб юборган қули Омир ибн Фуҳайра уларнинг олдида қўй боқиб юрарди. Хуфтондан бир соат ўтганидан кейин қўйларни уларнинг олдиларига олиб келарди. Улар соғин қўйларнинг сути билан тонг оттирардилар. Эрталабки ғира-ширада Омир қўйларни ҳайдаб кетарди. У уч кечанинг ҳаммасида шундай қилди. У Абу Бакрнинг ўғли Абдуллоҳ кетганидан кейин унинг изларини йўқотиш учун ортидан қўйларини ҳайдаб борарди.

Бу ёқда режалари энди амалга ошай деб турган бир пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қутулиб кетганига ишонч ҳосил қилган Қурайш ўзини қўярга жой топа олмаётганди. Бу борада улар дастлаб Алийни дўппослашди, Каъбага судраб бориб, бир мунча вақт қамаб қўйишди. Ундан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Абу Бакр ҳақида бирон хабар билармиз, деб умид қилишганди. Алийдан ҳеч гап чиқмагач, Абу Бакрнинг уйига келишиб, эшикни қоқишди. Эшикни Абу Бакрнинг қизи Асмо очди. Ундан: «Отанг қаерда?», деб сўрашган эди, у: «Аллоҳга қасамки, отамнинг қаердалигини билмайман», деб жавоб берди. Абу Жаҳл пасткаш, ифлос одам эди. Аёл кишига қўл кўтариб, Асмонинг юзига шапалоқ тортиб юборди, зарбанинг зўридан унинг сирғаси учиб кетди.

Қурайш шошилинч мажлис чақириб, бу икки кишини тутишнинг ҳамма воситаларини қўллашга қарор қилди. Маккадан олиб чиқадиган ҳамма йўлларга қаттиқ қуролли назорат ўрнатди. Шунингдек, уларни тирик ёки ўлик ҳолда тутиб келган кишига ҳар бири учун юзтадан туя мукофот ваъда қилишди.

Мукофот ваъда қилинганини эшитган отлиғу пиёдалар уларнинг изларига тушишиб, тоғлару водийларга, қирлару дараларга ёйилиб кетишди. Лекин бу бефойда уриниш эди.

Қувиб борувчилар ғорнинг оғзигача боришди. Лекин Аллоҳ Ўз ишига Ғолибдир. Бухорий Анас розияллоҳу анҳудан, у Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ғорда эдим. Бошимни кўтариб қарасам, одамларнинг оёқлари кўриняпти. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Эй Расулуллоҳ, агар улар шундоқ пастга қарасалар, бизни кўрадилар», дедим. У киши: «Жим бўлинг эй Абу Бакр, икки кишининг учинчиси Аллоҳдир», дедилар. Яна бир қавлда: «Учинчиси Аллоҳ бўлган икки киши ҳақида нима деб ўйлайсиз», деганлар.

Шунда Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни бир мўъжиза билан сийлади. Қувиб келаётганлар уларга етиб олишларига бир неча қадамлар қолганида ортга қайтиб кетишди.

 

Мадинага йўл олишлари

 

Уч кун тиним билмай қувишда давом этган Қурайш учинчи куни бироз ҳовуридан тушди. Қувиш олови ўчиб, қидирув ишлари анча пасайди. Шундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз ҳамроҳи, саҳобаси билан бирга Мадинага кетишга ҳозирлик кўрдилар.

Улар йўл кўрсатишга моҳир бир одамни, Абдуллоҳ ибн Урайқит Лайсийни ёллагандилар. У Қурайш кофирларининг динида эди. Шундай бўлса ҳам унга ишонишиб, туяларини беришган ва уч кундан кейин Савр ғорида кўришишга ваъдалашишганди. Иккинчи кечада яъни, ҳижрий биринчи сананинг биринчи Рабиул-аввалида - милодий сана билан 622- йилнинг 16- сентябрида - уларнинг олдига Абдуллоҳ ибн Урайқит икки туяни олиб келди. Илгарироқ Абу Бакрнинг уйида сафар маслаҳатини қилаётганларида у: «Отам сизга фидо бўлсин, эй Аллоҳнинг пайғамбари, бу туялардан бирини олинг», деб, туяларнинг яхшироғини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга тақдим қилган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Пулини тўлаш шарти билан оламан», дегандилар.

Абу Бакрнинг қизи Асмо уларга сафар халтасини олиб келди. Унга боғич қилишни унутибди. Йўлга чиқаётган пайтларида халтани осиб қўяй деса, боғич йўқ. Белбоғини иккига бўлиб, бири билан халтани боғлади, иккинчисини ўзига белбоғ қилиб олди. Шу сабаб бўлиб, у «зотун нитоқайн» «икки белбоғли» деган номни олганди.

Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Абу Бакр йўлга чиқдилар. Уларга Омир ибн Фуҳайра ҳам қўшилди. Ўзлари билан бирга йўл бошловчи Абдуллоҳ ибн Урайқитни ҳам олдилар.

Ғордан чиққанларидан кейин олдинига жанубга - Яман тарафга, кейин ғарбга - соҳил томонга юрдилар. Одамлар юриб ўрганмаган йўлга етганларидан кейин Қизил денгиз соҳилига яқин жойдан шимолга қараб бурилдилар. Жуда ҳам кам одам юрадиган йўллардан юриб борардилар.

Ибн Исҳоқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шу йўлда босиб ўтган жойларни қуйидагича айтиб ўтади: Йўл бошловчи уларни Макканинг қуйи тарафига бошлади. Кейин соҳилга қараб юрдилар. Усфоннинг қуйи қисмидаги бурилишга келиб, Амажнинг қуйи тарафига бурилдилар. Қудайддан ўтгандан кейинги бурилишга келиб, Харрор томонга юрдилар. Ундан сўнг Марра тепалигига, кейин Лиқфга, ундан Лиқф қудуғига бордилар. Кейин Мажоҳ қудуғига ўтиб, ундан Маржиҳ Мижожга кириб боришди. Ундан Маржиҳ Зул-ғузвайн томонга ўтишиб, ундан Зу-кашрга, ундан эса Жадожидга, кейин Ажрадга, ундан Зу-саламга, ундан Абобидга, ундан Фожага, ундан Аржга, ундан Ракубанинг ўнг томонидаги Оир тепалигига, ундан Риъмга, ундан эса Қубога кириб боришди. Қуйида йўлда бўлиб ўтган воқеалардан айрим лавҳаларни келтирамиз:

1) Бухорий Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Ўша кеча ҳам, эртаси кундузи ҳам то кун тиккага келиб, йўл холиланиб, ҳеч ким ўтмайдиган бўлиб қолгунига қадар юрдик. Кейин бир узун харсанг тошнинг соясига манзил қурдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга жой тайёрлаб, бир чопонни ёздим-да, эй Аллоҳнинг пайғамбари, ухлаб олинг, мен сизни қўриб тураман, дедим. У киши ухладилар. Мен қўриб турдим. Қарасам, бир чўпон қўйларини ҳайдаб ҳарсанг сари келяпти. У ҳам бизга ўхшаб унинг соясидан фойдаланмоқчи бўлди, шекилли. Ундан:

- Кимнинг қулисан, - деб сўрадим.

- Мадиналик ёки Маккалик бир одамнинг қулиман, - деб жавоб берди у.

- Қўйингнинг сути борми?

- Ҳа, бор.

- Соғиб беролмайсанми?

- Майли, соғиб бераман – Шундай деб у бир қўйни ушлади.

- Олдин елинини тупроқ, қил ва кирлардан тозала, дедим.

У бир ёғоч косага тўлдириб сут соғиб берди. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таҳорат қилишлари ва ичишлари учун бир идишда сув олиб олган эдим, у киши ухлаётган эканлар. Уйғотгим келмади. Ўзлари уйғонишларини кутдим. Кейин сутга озгина сув қўшган эдим, унинг остки қисми совиди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга, ичинг, деб узатдим. У киши сутдан шунчалик ичдиларки мен буни кўриб хурсанд бўлдим. Сўнг: «Жўнайдиган пайтимиз бўлдими?», деб сўрадилар. Мен: «Ҳа», деб жавоб бердим. Шу билан яна йўлга тушдик.

2) Одатда Абу Бакр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ортларидан юрарди. Абу Бакр кўринишдан ёши улуғ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса ёш кўринганлари боис уларни кўрган киши Абу Бакрдан: «Олдингдаги бу одам ким?», деб сўрарди. Бундай саволга у: «Бу одам менга йўл кўрсатади», деб қўярди. Сўраганлар юрадиган йўлни тушунардилар. Абу Бакр эса эзгулик йўлини назарда тутиб, шундай дерди.

3) Иккинчи ё учинчи кун деганда улар Умму Маъбад ал-Хузоийя деган аёлнинг чодири ёнидан ўтишди. Бу жой Маккадан 130 км чамаси узоқликдаги Қудайд ноҳиясидаги Мушаллал деган ерда эди. У ўрта яшар, дуркун аёл бўлиб, чодирнинг панасида туриб, ўтган-кетганларга емак-ичмак бериб ўтирарди. Ундан: «Бирон нарсанг борми?, деб сўрашди. У: «Бўлганда сизларни меҳмон қилган бўлардим. Қўйлар узоқ яйловда, бу йил қурғоқчилик йили бўлди», деб жавоб берди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўзлари чодирнинг ёнида турган бир қўйга тушиб қолди. Аёлдан:

- Бу қанақа қўй, эй Умму Маъбад? - деб сўрадилар.

- Заифлигидан подадан қолиб кетган - жавоб берди аёл.

- Унинг сути борми?

- Сут қаёқда дейсиз.

- Рухсат берсанг, мен уни соғиб кўрардим.

- Бемалол, ота-онам сизга фидо бўлсин, агар унда сут бор, деб ўйлаётган бўлсангиз, бемалол соғаверинг.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўйнинг елинини силаб, Аллоҳнинг номини айтиб, дуо қилган эдилар, бирдан елин сутга тўлди. Бир идиш сўраб олиб, унга тўла сут соғиб, аёлга узатдилар. Аёл сутни ичиб тўйди. Ҳамроҳларига ҳам узатдилар. Улар ҳам ичиб тўйишди. Ўзлари ҳам ичдилар. Кейин яна бир марта идишни тўлатиб соғиб, сутни аёлга қолдириб, сўнг яна йўлга тушдилар.

Бир оздан сўнг ориқ, нимжонлигидан судралиб қадам босадиган эчкиларни ҳайдаб аёлнинг эри Абу Маъбад келди. У сутни кўриб ҳайратланди.

- Бу сут қаердан келди? Уйда сут берадиган қўй йўқ эди-ку, - сўради аёлидан.

- Аллоҳга қасамки, бир муборак одам ўтиб қолди. Ўзи мана бундай, гапиришлари мана бундай. - Аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни шундай тавсифладики, тингловчи уни ўз кўзи билан кўриб тургандек бўлади. (Бу тавсифларни китобнинг охирроғида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тавсифларига доир бўлимида берамиз).

- Аллоҳга қасамки, бу ўша Қурайш айтаётган одам. Унга саҳоба бўлмоқчи бўлиб юргандим. Йўлини топишим билан шу ишни қиламан.

Маккада кимнингдир шеър ўқиган овози янгради. Унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва ҳамроҳлари Умму Маъбад чодирида бўлганлари ва у ерда бўлиб ўтган воқеа хусусида ҳикоя қилинарди. Уни ҳамма эшитарди. Аммо уни айтаётган одамни ҳеч ким кўрмасди.

Асмо айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қайси тарафга кетганларини билмасдик. Жинлардан бири келиб, Макканинг қуйи томонидан кириб мана шу байтларни ўқиганча унинг юқори томонидан чиқиб кетди. Одамлар унинг овозини эшитишарди лекин ўзини кўришмасди. Унинг гапидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Мадина томонга кетганини билиб олдик.

4) Йўлда уларга Суроқа ибн Молик эргашди. Суроқа айтади: Қавмим Бану Мудлижнинг бир йиғинида ўтирган эдим. Бир киши ўтирган жойимизга келиб: «Эй Суроқа, мен ҳозир соҳилда бир қорани кўрдим, Муҳаммад ва унинг шериклари бўлса керак», деб қолди. У кўрган қора ўшалар эканини билдим. Лекин унга: «Сен кўрган улар эмас, сен бизнинг олдимиздан боя кетган фалончи, фалончиларни кўргансан», дедим. Бир соатча ўтириб, уйимга келдим-да, чўримга чодирнинг орқа томонидан отимни олиб чиқиб, ушлаб туришини буюрдим. Найзамни ҳам олиб уйнинг орқа томонидан чиқиб кетдим. Отимни миниб, уларга яқин жойга борганимда отим тойилиб кетиб, унинг устидан йиқилиб тушдим. Ўрнимдан туриб қўлимни садоғимга узатдим. Ундан камон ўқларимни олиб, уларга зарар етказа оламанми, йўқми, деб фол очдим. Фолимдан мен ёқтирмаган иш чиқди. Ўзим очган фолимга қарши бориб, отимга миниб, уларнинг яқинига бордим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қироатларини эшитдим. У киши ҳеч қаёққа қарамасдилар. Абу Бакр эса атрофга аланглаб қарарди. Шу пайт отимнинг олдинги оёқлари тиззаларигача ерга ботиб, мен яна йиқилиб тушдим. Отимни мажбурлаб тургиздим. У оёқларини ердан чиқариб ололмасди. У ўзини тиклаган пайтида оёқлари остидан чиққан чанг худди тутундек самога ўрлади. Кейин яна камон ўқларим билан фол очдим. Яна мен ёқтирмаган иш чиқди. Шундан кейин омонлик, омонлик, деб бақирдим. Улар тўхташди. Мен отимга миниб, уларнинг олдига бордим. Уларни ушлаш имконсиз эканини англагач, кўнглимдан яқинда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам албатта ғолиб бўлсалар керак, деган хаёл ўтди. Мен у кишига: «Қавмингиз сизни ушлаб келтирган одамга мукофот тайин қилган», дедим ва одамлар у кишини нима қилмоқчи бўлаётганлари ҳақида гапириб бердим. Кейин уларга йўл озуқаси ва бошқа керакли нарсаларни таклиф қилдим. Улар мендан ҳеч нарса олишмади. Фақат: «Бизнинг хабаримизни яшир», дейишди, холос. У кишидан менга омонлик хати ёзиб беришларини сўрадим. Омир ибн Фуҳайрага буюрган эдилар, у бир парча терига ёзиб берди. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна йўлга тушдилар.

Яна бир ривоятда Абу Бакр айтади: Биз йўлга тушдик, қавм эса бизнинг изимиздан келарди. Лекин бизга улардан фақат Суроқагина оти билан ета олди, шунда мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эй, Расулуллоҳ мана бу одам бизга етиб олмоқда, дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Маҳзун бўлманг албатта Аллоҳ биз билан биргадир» дедилар.

Суроқа ортига қайтганда одамлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва соҳибининг изидан келмоқда эдилар. У уларга: мен сизларга хабар бераман, бу ёқдаги иш ҳал бўлди, дедим. У куннинг аввалида бу иккиларини инкор қилган бўлса, куннинг охирида уларни қўриқловчига айланди.

5) Йўлда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Бурайда ибн Ҳусайб ал-Асламий саксонга яқин оила билан учради. У ҳам шериклари ҳам Исломни қабул қилишди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам хуфтонни ўқидилар, улар ҳам ортларида туриб намоз ўқидилар. Бурайда ўз қавмининг ерида Уҳуддан кейингача қолди, кейин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурига келди.

Абдуллоҳ ибн Бурайдадан ривоят қилинади Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам яхши фолни суярдилар, шумланмас эдилар. Бурайда оиласидан етмишта одам билан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга учрашди. У зот:

- «Қайердансиз» деб сўрадилар.

- Асламдан.

- Абу Бакрга қараб: «Саломат бўлдик, (қутулдик)» дедилар.

- Қайси қабиладансиз?

- Бану Саҳмдан. (Саҳм- улуш маъносида).

- Улушингиз чиқди, дедилар.

6) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жуҳфа билан Ҳаршанинг оралиғидаги (Арж) Қаҳдувот номли жойда Абу Тамим Авс (ёки Абу Авс Тамим) ибн Ҳажар Асламийнинг олдидан ҳам ўтдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туялари чарчаб қолганидан Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг туяларига мингашиб олгандилар. Буни кўрган Авс Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўз туяларидан бир нортуяга миндириб юборди ва уларга Масъуд исмли қулини қўшиб бера туриб қулига: сен буларни ўзинг билган яширин йўллардан олиб бор ва то Мадинагача улардан ажралма, деди. У уларни Мадинагача олиб бориб қўйди. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни ҳожасига қайтариб юборарканлар шундай деб тайинладилар: «Сен ҳожангга бориб айт туяларининг бўйнига занжирнинг икки халқаласи шаклида тамға босиб қўйсин, бу уларнинг белгиси бўлади.»

Мушриклар Уҳуд куни келганида Авс қули Масъуд ибн Ҳунайдани Арждан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига мушрикларнинг хабарини етказиш учун пиёда юборди.

Ибн Мокуло Табарийдан нақл қилишича, Авс Аржда яшарди, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келганларидан кейин Исломни қабул қилган.

7) Йўлда – Батни Риъмда – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Зубайрга ҳам дуч келдилар. У мусулмонлар тарафида эди. Савдогарлик билан Шомдан келаётганди. Зубайр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Абу Бакрга оппоқ кийим кийдирди.

 

Қубога тушиш

 

Пайғамбарликнинг 14-йили, (ҳижратнинг биринчи йилига тўғри келади) Рабиул-аввалнинг саккизида, — милодий сана билан 622- йилнинг 23- сентябрида — душанба куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қубога тушдилар.

Урва ибн Зубайр айтади: Мадинадаги мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Маккадан чиққанларини эшитиб, ҳар куни эрталаб Ҳаррага бориб, то кун қизигунига қадар кутардилар. Бир куни узоқ кутганларидан кейин уйларига қайтгандилар. Шу пайт бир яҳудий ўз иши билан томга чиқибди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан шекрикларини оқ кийимда, саробда кўриниб-кўринмай келаётганларини кўриб қолибди. Кейин ўзини тутолмай бор овози билан: «Эй араблар, ана сизлар кутаётган бобонгизлар келяпти», деб юборибди. Буни эшитган мусулмонлар қуролларига қараб югурдилар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни Ҳаррада қаршиладилар.

Ибнул Қаййим айтади: Бану Амр ибн Авфда шовқин ва такбир овозлари эшитилди. Мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг келганларидан хурсанд бўлиб, такбир айтдилар ва у кишини кутиб олишга чиқдилар. Кўрганки одам у кишига салом берар, атрофида айланиб, у зотдан кўзини узмасди. Шу пайт ҳамма ёқни сокинлик эгаллади. У зотга ваҳий нозил бўлаётганди: «Аллоҳнинг Ўзи ҳам, Жаброил ҳам, аҳли солиҳ мўминлар ҳам унинг мададкоридир. Яна булардан кейин фаришталар ҳам (Пайғамбарга) ёрдамчидир» (Таҳрим: 4).

Урва ибн Зубайр айтади: Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кутиб олишди. Ўнг томонга бурилиб, Бану Амр ибн Авф ерига тушдилар. Бу Рабиул-аввалнинг душанба кунида эди. Одамлар билан алоқа қилишга Абу Бакр ўрнидан турди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса жим ўтирардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни танимаган айрим ансорлар Абу Бакрнинг олдига кела — бир ривоятда салом бера — бошладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қуёш тушиб қолганда, Абу Бакр у зотга соя қилиш учун ўз ридосини кўтарганидан кейингина одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни танидилар.

У кишининг истиқболига бутун Мадина кўчиб чиққанди. Мадина бутун тарихи мобайнида бундай ҳодисанинг шоҳиди бўлмаганди. Яҳудлар Ҳабқуқ пайғамбарнинг: «Аллоҳ Таймондан келди, Қуддус Форон тоғидан», деган гапи рост эканлигига амин бўлишди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қубода Кулсум ибн Ҳадмнинг уйига тушдилар. Яна бир қавлда Саъд ибн Хайсаманинг уйига, дейилган. Биринчи гап тўғрироқ.

Алий ибн Аби Толиб Маккада уч кун туриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бериб кетган омонатларни эгаларига топширди. Кейин пиёда ҳижрат қилиб, уларга Қубода етиб олди ва у ҳам Кулсум ибн Ҳадмнинг ҳовлисига тушди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қубода тўрт кун: душанба, сешанба, чоршанба, пайшанба кунлари турдилар ва Қубо масжидига асос солиб, у ерда намоз ўқидилар. Бу масжид нубувватдан кейин тақво асосига қурилган биринчи масжид бўлди. Бешинчи куни яъни, жума куни Аллоҳнинг буйруғи билан туяларига миндилар. Абу Бакр орқага минди. Бану Нажжорга – тоғаларига – одам юборган эдилар, улар қиличларини таққан ҳолда етиб келишди. Сўнг Мадина сари юрдилар. Бану Солим ибн Авфга етиб борганларида жумъа вақти бўлди. Одамлар билан водийнинг ўртасидаги масжидда жумъа намози ўқидилар. Улар юз киши эдилар.

 

Мадинага кириш

 

Жумъа намозидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам йўлга чиқиб, Мадинага кириб бордилар. Шу кундан бошлаб, Ясриб «Мадинатур-Расул» (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шаҳри), қисқароқ қилиб айтганда Мадина, дейила бошлади. Бу кун Мадина тарихининг энг ёрқин куни эди. Уйлар ва кўчаларда ҳамд ва тасбеҳ садолари янграрди. Ансорларнинг қизлари шоду ҳуррам бўлиб, мана бу байтларни хиргойи қиларди:

طـلـع الـبــدر علـينا **مـن ثـنيــات الـوداع
وجـب الشـكـر علـينا ** مـــا دعــا لـلـه داع
أيـهـا المبـعـوث فـينا ** جـئـت بـالأمـر المطاع

Гарчи ансорлар бой-бадавлат бўлмасалар-да, улардан ҳар бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўз уйига туширишни истарди. У зот қайси бир ансорнинг ҳовлиси ёнидан ўтмасинлар, ҳовлининг эгаси дарҳол туяларининг тизгинидан ушлаб: «Сизга қалқон, ҳимоя бўладиган уйга марҳамат қилинг», дерди. Бунга жавобан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Туяни ўз ҳолига қўйинглар, унга (қаерда тўхташи ҳақида) буйруқ берилган», дердилар. Туя бориб-бориб, бугунги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидлари жойлашган ерга бориб чўкди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг устидан тушмаган эдилар, ўрнидан туриб, бироз юрди, кейин у ёқ бу ёққа қараб, яна ўша биринчи чўккан жойига қайтиб келиб чўкди. Шундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг устидан тушдилар. Бу жой Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам тоғалари Бану Нажжорнинг ери эди. Аллоҳнинг Ўзи шунга муваффақ қилди. Негаки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари ҳам тоғалариникига тушиб, шу билан уларга бўлган ҳурматларини изҳор қилиб қўймоқчи эдилар. Одамлар яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўз уйларига тушишга қистай бошладилар. Абу Айюб дарҳол Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юкларини ўз уйига олиб кирди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Киши юклари қаерда бўлса, ўша ерда бўлади», дедилар. Асъад ибн Зурора келиб, туянинг тизгинидан ушлади. Шундан сўнг туя унинг уйида турди.

Имом Бухорий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қариндошларимиздан қай бирларининг хонадони яқинроқ?», деб сўрадилар. Абу Айюб: «Мен яқинроқман, эй Расулуллоҳ, мана бу менинг ҳовлим, мана бу эшигим», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ундай бўлса, боринг, бизга дам олиш учун жой ҳозирланг», дедилар. У бориб жой ҳозирлаб қайтиб келди ва: «Аллоҳнинг баракаси ила туринглар, жой тайёр», деди.

Бир неча кундан кейин аёллари Савда, қизлари Фотима ва Умму Кулсум ҳамда Усома ибн Зайд, Умму Айманлар келишди. Улар билан бирга Абу Бакрнинг ўғли Абдуллоҳ ҳам Абу Бакр оиласи билан бирга чиққанди. Улар орасида Оиша розияллоҳу анҳо ҳам бор эди. Яна бир қизлари Зайнабни Абул Ос ушлаб қолди. Чиқиб кетишнинг имкони бўлмади. У Бадр жангидан кейин ҳижрат қилган.

Оиша розияллоҳу анҳо айтади: Мадинага келганимизда у энг ваболи жойлардан бўлиб, Бутҳоннинг суви ҳидланиб кетган эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келганларида Абу Бакр билан Билол розияллоҳу анҳумо оғриб қолишди. Уларнинг олдига кириб: «Отажон, аҳволингиз қалай, Билол, сизнинг аҳволингиз қалай?», деб сўрадим. Абу Бакрни безгак тутган пайтида мана бу байтни ўқирди:

Тинчгина юргандек бўласан, бироқ,

Ўлим сенга боғичингдан яқинроқ.

Билол эса безгак кетган пайтида овозини баланд кўтариб, мана бу байтларни ўқирди:

Ўт-ўланлар ичра тунармиканман,

Мижанна сувларига борармиканман,

Туфайлу Шомани кўрармиканман,

Бирор тун, бирор кун қувнармиканман.

Оиша розияллоҳу анҳо айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб, бўлган гапларни айтиб бердим. Шунда у киши: «Эй Аллоҳим, Шайба ибн Рабиъа, Утба ибн Рабиъа ва Умайя ибн Халафга Сенинг лаънатинг бўлсин, улар бизни ўз еримиздан ваболи ерга чиқишга мажбур қилишди» дедилар. Сўнг: «Эй Аллоҳим, бизга Мадинани худди Маккадек ёки ундан ҳам суюмлироқ қилиб қўйгин, уни тузатгин, соъию муддига[1] барака бергин, унинг безгагини Жуҳфа[2] томонларга ўтказгин», деб дуо қилдилар.

Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дуоларини ижобат қилди, у зот тушларида сочлари тўзғиган бир қора аёлнинг Мадинадан чиқиб, Жуҳфадаги Маҳяа деган жойга бориб ўрнашганини кўрдилар. Бунинг таъбири Мадинанинг вабоси Жуҳфага кўчиши деб кўрилди. Шундан сўнг муҳожирлар Мадинада тортаётган безгак ва дардлардан халос бўлдилар.

Шу ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётларининг нубувватдан кейинги даврининг бир қисми яъни, Макка даврининг баёни ниҳоясига етди. Қуйида энди у зотнинг Мадинада ўтказган даврларини қисқача ҳикоя қилинади.



[1] Соъ, муд – ўлчов бирликлари

[2] Жуҳфа – Маккаи мукаррама билан Мадинаи мунаввара ўртасидаги жой номи.


Qayd etilgan


lolo  24 Noyabr 2009, 06:01:10

 

МАДИНАДАГИ ДАВР – ДАЪВАТ, ЖИҲОД ВА ЗАФАРЛАР ДАВРИ

 

Мадинадаги давр: даъват ва жиҳод босқичлари

 

Мадинадаги даврни қуйидаги уч босқичга бўлиш мумкин:

1) Ислом жамиятига асос солиш ва Ислом даъватини мустаҳкамлаш босқичи. Ичкарида юз берган фитналару ғовлар, ташқаридан эса душманларнинг Исломий давлатни пишиб етилмасидан олдин таг-томири билан қўпориб ташлаш учун бостириб келишлари. Бу босқич ҳижратнинг 6- йили Зулқаъда ойида бўлиб ўтган Ҳудайбийя сулҳи воқеаси орқали мусулмонларнинг ғалабага эришишлари ва вазиятни қўлга олишлари билан якунланади.

2) Энг катта душман билан келишув ва ер юзи подшоҳларини Исломга даъват қилиш учун қулай фурсатни қўлга киритиш босқичи. Бу босқич 8- ҳижрийнинг Рамазонида бўлиб ўтган Макка фатҳи билан якун топади.

3) Вакилларни кутиб олиш ва одамларнинг Аллоҳ динига тўп-тўп бўлиб киришлари босқичи. Бу босқич 11- ҳижрийнинг Рабиул-аввалигача яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотларигача давом этади.

 

Биринчи босқич

Мадина аҳолиси ва уларнинг ҳижрат пайтидаги ҳолатлари

 

Ҳижратнинг маъноси фитналанишу масхара бўлишдан қутулишгина эмас, осойишта юртда янги бир жамиятни барпо қилиш йўлида бир ёқадан бош чиқариш ҳам эди. Шунинг учун шу янги ватанни барпо қилишга ўз улушини қўша оладиган ҳар бир мусулмонга уни тиклаш ва шаънини кўтариш йўлида ҳижрат қилиши фарз бўлиб қолганди.

Бу жамиятни барпо қилишда табиийки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам етакчи, бошлиқ, раҳнамо эдилар. Шунинг учун ҳам юк кўпроқ у кишининг елкасига тушарди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Мадинада дуч келган қавмлар уч синф эди. Улардан ҳар бири бошқасидан яққол ажралиб турарди, бинобарин улар рўбарў келаётган муаммолар ҳам турлича эди. Бу уч синф қуйидагилардир:

  1. Саҳобаи киромлар. (Аллоҳ улардан рози бўлсин)
  2. Ҳалигача иймонга келмаган мушриклар. Улар асл мадиналиклар эдилар.
  3. Яҳудийлар.

а) Саҳобаи киромга нисбатан Мадинадаги шароит Маккадаги шароитдан тубдан фарқ қиларди. Маккада саҳобаларни гарчи бир ғоя бирлаштириб турган бўлса-да, лекин улар ўз уйларида тарқоқ ҳолда яшардилар. Боз устига душманлар томонидан хорланиб, қувғинга учраб кун кечирардилар. Ўз ишларига ўзлари молик эмасдилар. Ҳокимият диний душманларининг қўлида эди. Мусулмонлар ўзларича жаҳондаги инсоний жамият каби том маънодаги бир жамиятни барпо қилишга қодир эмасдилар. Шунинг учун ҳам кўрамизки, Маккада нозил бўлган суралар Исломий асослар ва якка шахсларгина амал қила оладиган шаръий амалларни баён қилиш ҳамда яхшиликка, эзгуликка, улуғ хулқларга ундаш, пасткашликлар ва разилликлардан қайтариш билангина чекланган.

Мадинада эса мусулмонлар биринчи кунданоқ ўзларига ўзлари хўжайин бўлдилар. Ҳеч ким уларга ҳукмини ўтказа олмасди. Шунинг учун уларнинг қаршисида ҳазорат, маданият, ободончилик, иқтисод, сиёсат, ҳокимият, тинчлик, уруш каби соҳаларга доир қатор масалалар турарди. Ҳалол, ҳаром, ибодат, ахлоқ каби масалаларда ҳам аниқ бир тўхтамга келиб олиш зарур бўлиб қолганди.

Мусулмонлар учун янги бир жамиятни, ҳаётнинг ҳамма соҳаларида жоҳилият жамиятидан, дунёдаги барча жамиятлардан тубдан фарқ қиладиган Исломий жамиятни ташкил қилиш вақти етиб келганди. Бу жамият мусулмонлар унинг йўлида ўн йиллаб турли хил азобу уқубатларга дучор бўлган Исломий даъватни намоён этиши керак эди.

Бундай жамиятнинг бир кунда, бир ойда ёки бир йилда ташкил бўлиб қолмаслиги кундек равшан. Қонунларни ишлаб чиқиш, уларни татбиқ қилиш, таълим-тарбия соҳалари буларнинг ҳаммаси секин-аста такоммиллашиб бориши учун узоқ давр керак бўларди. Шундай қонунни чиқариб беришга Аллоҳнинг Ўзи Кафил эди. Уни ижро этиш, унга одамларни йўллаш, мусулмонларга таълим-тарбия бериш каби ишлар билан эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шуғулланардилар. «У (Аллоҳ) омийлар (яъни, аҳли Китоб бўлмаган илмсиз кишилар) орасига ўзларидан бўлган, уларга (Қуръон) оятларини тиловат қиладиган, уларни (ширк ва жаҳолатдан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб – Қуръон ва ҳикмат – ҳадисни ўргатадиган бир Пайғамбарни (яъни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни) юборган Зотдир». (Жумъа: 2).

Саҳобалар шариат ҳукмларини дил-дилларидан қувониб бажарардилар. «Уларга Унинг (Аллоҳнинг) оятлари тиловат қилинса, иймонлари яна ҳам зиёдалашади» (Анфол: 2).

Бу масалаларнинг тафсилоти мавзуимиз сирасига кирмайди. Шунинг учун улардан мавзуимизга хос ўринларига тўхталиб ўтамиз.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонларга нисбатан дуч келаётган энг катта иш ҳам, умуман исломий даъват ва Муҳаммадий рисолатдан кўзланган энг олий мақсад ҳам мана шу эди. Маълумки, бундай ишлар шошма-шошарлик билан қилинмайди, улар учун узоқ муддат керак бўлади. Тўғри, тез ва соз ҳал қилиниши лозим бўлган масалалар ҳам йўқ эмасди. Уларнинг энг эътиборлиси шундан иборат эдики, ўша пайтда мусулмонлар икки қисмга ажралиб қолгандилар.

Бир қисми ўз уйида, ўз юртида яшаётган ансорлар эдилар. Уларнинг ташвиши ўз уйида тинчгина яшаётган одамнинг ташвишидан фарқ қилмасди. Уларнинг ўрталарида узоқ пайтдан буён давом этиб келаётган мустаҳкам адоват бор эди.

Яна бир қисми бу нарсалардан жудо бўлиб, ўз жонини асраб Мадинага келган муҳожирлар эдилар. Уларнинг бошпанаси ҳам, тирикчилик ўтказадиган бирор иши ҳам, ўзини тиклаб оладиган мол-дунёси ҳам йўқ эди. Уларнинг сони оз эмасди. Боз устига кундан кунга кўпайишиб борардилар. Негаки, Аллоҳ ва Пайғамбарга иймон келтирган ҳар бир одам учун ҳижрат қилишга рухсат этилганди. Мадина катта бойликка эга бўлмаганлиги сабабли унинг иқтисодий мезонига путур етганди. Мана шундай оғир дамларда Исломга қарши кучлар Мадина билан иқтисодий алоқаларини деярли уздилар. Шу туфайли кирим камайиб, ҳолат оғирлашди.

б) Иккинчи қавм яъни, асл мадиналик мушриклар эса мусулмонларга ҳукмини ўтказа олмас эдилар. Улардан айримлари ота-боболарининг динини тарк қилишга иккиланиб турарди. Мушрик эдилару аммо Ислом ва мусулмонларга адоватлари йўқ эди. Ҳеч қанча ўтмасдан булар ҳам мухлис мусулмонга айландилар.

Уларнинг орасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ва мусулмонларга нисбатан ичида кек-адоват сақлайдиганлари ҳам бор эди. Аммо бевосита қарши чиқишга имкони бўлмаганидан шароитга қараб, сиртдан ўзини дўст қилиб кўрсатарди. Уларнинг бошида Абдуллоҳ ибн Убай турарди. Буос урушидан кейин Авс билан Хазраж уни ўзларига бошлиқ қилиб олмоқчи бўлишганди. У энди Мадинага подшоҳ бўлай деб турган бир пайтда дафъатан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келиб қолиб, қавм у зот томонга оғиб кетди. Унинг назарида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам худди ундан подшоҳликни тортиб олгандек бўлиб қолдилар. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан ичида кучли адовати бор эди. Мушриклигича қолишига шароит йўл қўймагач, қолган иззат, обрўсию улар шарофатидан келиб турадиган дунёвий манфаатлардан ҳам маҳрум бўлиб қолиш хавфи туғилгач, Бадр жангидан кейин ўзининг мусулмон бўлганлигини изҳор қилди. Лекин ботинда кофирлигича қолди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва мусулмонларга қарши ҳийла, найранг қилишнинг қандай йўли очилиб қолса, дарҳол ундан фойдаланарди. Шериклари у подшоҳ бўлиб қолса, бизга ҳам бирор мансаб тегиб қолар, деган умидда юрган кимсалар бўлиб, унинг бу найрангларини қўллаб-қувватлар, режалар тузишар, ҳатто айрим ҳолларда тузган режаларини амалга ошириш учун баъзи бир содда мусулмон ёшларни ўзига билдирмасдан ишлатишарди.

в) Учинчи қавм - яҳудлар эса юқорида айтиб ўтганимиздек, Ашурийлар ва Румонийлар қувғинидан қочиб, Ҳижозга келиб қолишганди. Улар аслида ибронийлар эдилар. Ҳижозга келганларидан кейин тил борасида ҳам, кийим борасида ҳам, ҳазорат ва маданият борасида ҳам араблашиб кетгандилар. Ҳатто ўзларининг ва қабилаларининг номлари ҳам арабча бўлиб қолганди. Араблар билан қиз олиб, қиз бериш, қудачилик алоқаларини ўрнатишгача ҳам бориб етишганди. Шундай бўлса-да, уларда миллатчилик жуда кучли эди. Арабларга мутлақо қўшилиб кетмагандилар. Аксинча, ўзларининг исроилийликлари-яҳудийликлари билан фахрланиб, арабларни ҳаддан ташқари ерга урардилар. Ўзларича, арабларнинг мол-дунёлари бизга ҳалол, дейишиб, қандай хоҳлашса шундай ердилар. Аллоҳ таоло айтади: «Аҳли китоб орасида шундай кишилар борки, унга беҳисоб молни омонат қўйсангиз, хиёнат қилмай сизга қайтаради. Уларнинг орасида яна шундайлари ҳам борки, унга бир динорни ишониб берсангиз, то устида туриб олмагунингизча сизга қайтиб бермайди. Бунинг боиси — уларнинг «омий-китобсиз кимсалар учун бизнинг устимизга ҳеч қандай йўл йўқ», дейишларидир» (Оли Имрон: 75). Улар ўз динларини тарғиб қилишга қизиқмасдилар. Уларнинг диний матолари фол очиш, сеҳргарлик қилиш, дам солиш каби ишлардан нарига ўтмасди. Яна шу ишлари билан ўзларини олим, фозил, раҳнамо, руҳоний, деб билардилар.

Улар касб-ҳунар қилиш, тирикчилик ўтказиш каби ишларда жуда моҳир эдилар. Дон, хурмо, ароқ, кийим савдоси уларнинг қўлида эди. Кийим, дон ва ароқни ташқаридан олиб келсалар, хурмони ташқарига сотардилар. Уларнинг бундан бошқа ишлари ҳам кўп эди. Ҳамма араблардан бир неча баробар фойда олардилар. Шу билангина чекланмасдан судхўрлик ҳам қилардилар. Шоирларнинг мақташларини, одамларнинг олқишлашларини касб этиш учун арабларнинг бошлиқлари ва шайхларига катта-катта қарзлар беришарди. Қарз олган катталар ўз уйлари ва ерларини гаровга қўярдилар. Олинган қарзларни беҳуда сарфлаш оқибатида бир неча йил ўтиб, гаровга қўйилган жойлар уларнинг мулкига айланиб қоларди.

Улар фитна уюштиришга, одамларнинг ўрталарини бузишга, жанжал чиқаришга уста эдилар. Бир-бирига қўшни араб қабилалари ораларига низо солиб қўярдилар. Билдирмасдан, сездирмасдан бирини иккинчисига қарши қайраб қўярдилар. Шу билан урушлар авж оларди. То яҳудлар аралашмагунига қадар бу урушларнинг олови ўчмасди. Бечора арабларни бир-бирлари билан уриштириб қўйиб, ўзлари бир чеккада уларнинг қийналаётганларидан лаззатланиб турардилар. Уларни шу қадар қарзга ботириб ташлардиларки, натижада бечораларнинг боши урушдан чиқмасди. Шу йўл билан улар икки катта ютуқни қўлга киритардилар. Биринчиси ўзларининг яҳудийлик вужудини сақлаб қолиш бўлса, иккинчиси судхўрлик бозорини авж олдириб, бир неча баробар фойда олиш эди.

Ясрибда уларнинг учта машҳур қабилалари бор эди. Улар қуйидагилар:

1. Бану Қайнуқоъ: Улар Хазражнинг иттифоқдошлари бўлиб, диёрлари Мадинанинг ичида эди.

2. Бану Назир: Булар ҳам Хазражнинг иттифоқдошлари бўлиб, диёрлари Мадинанинг атрофида эди.

3. Бану Қурайза. Улар Авснинг иттифоқдошлари бўлиб, диёрлари Мадинанинг атрофида жойлашганди.

Узоқ йиллардан бери Авс билан Хазраж орасига низо солиб, уруш оловини ёқиб келаётганлар мана шу қабилалар эди. Буос урушида уларнинг ўзлари ҳам ҳар қайсиниси ўз иттифоқдоши билан бирга қатнашганди.

Яҳудийларнинг Исломга адоват, ҳасад кўзи билан қарашлари табиий бир ҳол эди. Негаки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг миллатидан эмасди. Улар учун эса миллатчилик ҳар қандай ақлдан, маънавиятдан устун эди. Боз устига Ислом дилларни бирлаштирадиган, уруш оловини ўчирадиган солиҳ амалларга, омонатдор бўлишга, ҳаромдан ҳазар қилиб, ҳалолдан касб қилишга чақирарди. Бу эса Ясрибдаги араб қабилаларининг бирлашиши ва натижада яҳудлар чангалидан чиқиши, шу билан яҳудлар савдосининг касодга учраши, бойлик дея аталмиш тегирмон тошини айлантириб турган судхўрлик фойдаларидан маҳрум бўлиш дегани эди. Ҳатто бу қабилалар уйқудан уйғониб, судхўрлик оқибатида бой берилган уй-жойларини яҳудлардан яна қайтариб олишлари ҳам мумкин эди.

Яҳудлар мана шуларнинг ҳаммасини ҳисобга олиб, Исломий даъват Ясрибда қарор топишга ҳаракатни бошлаганидан буён дилларида Исломга нисбатан ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан ҳам кучли бир адоватни тугдилар. Лекин маълум муддат ўтгунига қадар уни изҳор қилишга журъат этолмадилар.

Ибн Исҳоқ уммулмуъминин София розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда яҳудларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан бўлган адоватлари яққол кўзга ташланади. Ибн Исҳоқнинг айтишича, Ҳуяй ибн Ахтабнинг қизи София шундай дейди: Мен отамнинг энг суюкли фарзанди эдим. Амаким Абу Ёсир ҳам мени жуда яхши кўрарди. Улардан қай бири бўлмасин, қўлида ўз боласи билан менга йўлиқиб қолишса, албатта қўлидаги болани қўйиб, мени кўтариб оларди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келиб, Қубода Бану Амр ибн Авфнинг уйига тушган пайтларида отам Ҳуяй ибн Ахтаб билан амаким Абу Ёсир тонг қоронғусида чиқиб кетишиб, кун ботганидан кейин қайтиб келишди. Улар ҳориб, чарчаб, ҳолдан тойиб, судралиб кириб келишди. Мен одатдагидек хурсанд бўлиб, уларнинг олдиларига бордим. Аллоҳга қасамки, ғамга ботганларидан иккаласи ҳам менга қарашмади. Мен улар ўртасида бўлиб ўтган суҳбатни эшитиб қолдим.

- У ўшами? – сўради амаким Абу Ёсир отам Ҳуяй ибн Ахтабдан.

- Ҳа, ўша – жавоб берди отам.

- Уни аниқ танидингми?

- Ҳа.

- Ичингда унга нисбатан нима бор?

- Аллоҳга қасамки, модомики, тирик эканман, унга нисбатан ичимда фақат адоват бор.

Бухорийнинг Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳунинг Исломга кириши ҳақидаги ривояти ҳам шунга гувоҳдир.

У яҳудларнинг буюк олимларидан бири эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Мадинага келиб, Бану Нажжорга тушганларини эшитиб, тез етиб келди ва у кишига фақат пайғамбаргина била оладиган саволларни берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жавобларини эшитиб, ўша заҳоти, ўша жойнинг ўзида мусулмон бўлди.

Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Яҳудлар бўҳтончи халқ, менинг мусулмон бўлганимни эшитишса, сиз улардан мен ҳақимда сўраганингизда менга туҳмат қилишади», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одам юбориб, яҳудларни чақиртириб келдилар. Улар келишган пайтида Абдуллоҳ ибн Салом уйга кириб турди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

- Абдуллоҳ ибн Салом сизларнинг орангизда қандай одам? - деб сўрадилар.

- Ўзи ҳам, отаси ҳам энг билимдонимиз, энг яхшимиз, - жавоб беришди улар. (Яна бир қавлда ўзи ҳам, отаси ҳам саййидимиз, дейишган бўлса, бошқа бир қавлда, ўзи ҳам, отаси ҳам энг яхшимиз ва энг афзалимиз, дейишган).

- Абдуллоҳ исломни қабул қилган бўлса-чи? Унда нима дейсизлар?

- Уни бу ишдан Аллоҳ асрасин. (Бу гапни икки ёки уч марта такрорладилар)

Шунда Абдуллоҳ уларнинг олдига чиқиб: «Гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан ўзга барҳақ илоҳ йўқдир ва яна гувоҳлик бераманки, Муҳаммад Аллоҳнинг пайғамбаридир», деди.

Буни эшитган яҳудлар: «Ўзи ҳам, отаси ҳам энг ёмонимиз эди», дейишиб, унга туҳмат қила бошлашди.

Яна бир қавлда Абдуллоҳ: «Аллоҳдан қўрқинглар, Ундан ўзга барҳақ илоҳ йўқ бўлган Аллоҳга қасамки, сизлар бу одамнинг Аллоҳнинг пайғамбари эканини ва у ҳақиқатни олиб келганини жуда яхши биласизлар», деди.

Бунга жавобан улар: «Ёлғон гапиряпсан», дейишди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Мадинага кирган кунлари яҳудлардан олган илк тажрибалари мана шу бўлди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага тушган пайтларида мана шундай ички шароитлар ва муаммоларга дуч келгандилар.

Ташқарида эса Мадинани Қурайшнинг динидагилар қуршаб турарди.

Ислом ва мусулмонларнинг энг ашаддий душмани Қурайш эди.

У ўн йил давомида яъни, мусулмонлар ўзининг қўл остидалигида мусулмонларни динидан қайтариш учун қўрқитиш, таҳдид солиш, сиқувга олиш, азоблаш, алоқани узиш, оч қолдириш каби барча воситаларни қўллаб кўрганди. Уларга қарши одамнинг тинкасини қуритадиган, бардошини емирадиган маънавий жанг қилганди. Айни пайтда кенг кўламда ва тартибли тарзда ташвиқот ишларини ҳам олиб борганди.

Мусулмонлар Мадинага ҳижрат қилганларидан кейин эса уларнинг уй-жойларини, мол-мулкларини мусодара қилиб, хотини ва фарзандаларидан айирганди. Ҳатто кучи етганларини қамаб, азоблашгача борганди.

Шунинг ўзи билан қаноатланмасдан даъват соҳиби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўлдириб, у зотнинг даъватларига барҳам бериш учун тил бириктирганди ва бу режани амалга ошириш йўлида кучини аямаганди.

Шундай бўлгач, мусулмонлар улардан қутулиб, беш юз километр нарига бориб олганларидан кейин улар ўз сиёсий ва ҳарбий мавқеларидан фойдаланиши, ўзларининг араблар орасида Байтуллоҳнинг ходимлари, Ҳарам аҳолиси сифатидаги дунёвий устунликлари ва диний бошқарувчиликларидан фойдаланиб, Жазиранинг бошқа мушрикларини Мадина аҳолисига қарши қайрашлари табиий бир ҳол эди.

Худди шундай бўлди ҳам.

Натижада Мадинани хавфу хатар ўраб олди. Атрофдан деярли узилиб, кирим камайиб кетди.

Боз устига қочиб келувчилар сони кундан кунга ортиб борарди.

Шу билан Макка золимлари ва уларга эргашганлар билан янги ватанга келган мусулмонлар ўртасида “уруш ҳолати” юзага келганди.

У золимлар мусулмонларнинг мол-мулкларини тортиб олганлари, уларни қийнаганлари, ҳаётларини заҳарга айлантирганлари каби энди мусулмонлар ҳам уларнинг мол-мулкларини тортиб олиш, уларни қийнаш ва ҳаётларини заҳарлаш‏га ҳақли эдилар. Токи, улар мусулмонларни бешигидаёқ бўғиб ташлашга қодир бўлмай қолсинлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келган пайтларида у кишининг қаршисида мана шундай ташқи муаммолар турарди.

Бу муаммолардан чиқиб кетиш учун уларни етук ҳикмат билан ҳал қилиш лозим эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу муаммоларнинг ҳар бирини Аллоҳнинг тавфиқи ва мадади ила энг пухта тарзда ҳал этдилар.

Ҳар бир қавмга ўзига муносиб равишда муомала қилдилар. Мулойимлик қилиш керак бўлган жойда мулойимлик қилдилар, қаттиқ туриш керак бўлган жойда қаттиқ турдилар. Шу билан бирга одамларни тарбиялаш, йўлга солиш, уларга Қуръону ҳикматни таълим бериш ишларини ҳам олиб борардилар.

Шубҳасизки, қаттиқ туриш, куч ишлатиш каби омиллардан кўра тарбиялаш, таълим бериш, мулойим ва меҳрибон бўлиш омиллари кўпроқ қўлланарди.

Шундай қилиб бир неча йиллар ичида ҳамма иш Ислом ва мусулмонларнинг қўлига ўтди. Сиз бунинг тафсилоти билан кейинги саҳифаларда танишасиз.

 

Биринчи босқич:

Янги жамият барпо қилиш

 

Юқорида айтиб ўтганимиздек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Мадинага келиб, Бану Нажжорга тушишлари 1- ҳижрийнинг 12- Рабиул-Аввалига, 622- милодийнинг 27- сентябрига тўғри келади.

У киши Абу Айюб ҳовлиси олдидаги ерга борганларида, Инша Аллоҳ, мана шу ерга манзил қурамиз, дегандилар.

Кейин Абу Айюб розияллоҳу анҳунинг уйига ўтгандилар.

 

Масжиди набавияни қуриш

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундан кейинги биринчи қилган ишлари масжиди набавияни қуриш бўлди.

Бунинг учун туялари чўккан жойни танладилар.

Жойни унинг эгалари бўлган икки етим болалардан сотиб олдилар.

Масжид қурилишига бевосита ўзлари қатнашиб, ғишт ва тош ташиб, шундай дердилар:

‏‏هذا الحِمَالُ لا حِمَال خَيْبَر ** هــذا أبـَــرُّ رَبَّنَا وأطْـهَر‏

Бу юклар Хайбарнинг юклари[1] эмас,

Бу юклар савоби битмас-туганмас.

Яна шундай дердилар:

‏اللهم لا عَيْشَ إلا عَيْشُ الآخرة ** فاغْفِرْ للأنصار والمُهَاجِرَة‏

Худоё, чин ҳаёт фақат охират,

Муҳожир, ансорни этгин мағфират.

Бу нарса саҳобаларнинг ғайратларига ғайрат қўшарди. Улардан бири шундай деганди:

لئن قَعَــدْنا والنبي يَعْمَل ** لـذاك مِــنَّا العَمَــلُ المُضَلَّل

Пайғамбар ишласа, бизлар ўтирсак,

Асло тўғри келмас бизга бу маслак.

Ўша жойда мушрикларнинг қабрлари, харобалик, хурмолар ва ғарқад дарахти бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқлари билан мушрикларнинг қабрлари қўчириб юборилди, харобалик текисланди, хурмо ва дарахтлар кесилиб, масжиднинг қибла тарафига териб қўйилди. Масжид қибласи Байтул-Мақдис томонга бўлди, эшик кесакилари тошдан қилинди, деворлари ғишт ва лойдан тикланди, шифти хурмо баргларидан, устунлари хурмо танасидан қилинди. Оёқ остига қум ва майда тошлар тўшалди. Масжидга учта эшик қилинди. Узунлиги қибладан тортиб охиригача юз газ, икки тарафи ҳам шунча ёки сал камроқ, пойдевори уч газга яқин бўлди.

Масжид ёнида тош ва ғиштдан қурилиб, шифти хурмо барглари билан тўсилган хоналар бино қилинди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларининг ҳужралари бўлиб, қуриб битказилгач, у зот Абу Айюб хонадонидан уларга кўчиб чиқдилар.

Мазкур масжид ёлғиз намоз ўқиладиган жойгина бўлиб қолмади, балки у мусулмонлар Ислом таълимотлари ва йўл-йўриқларини оладиган олийгоҳ, жоҳилий талотўп ва жангу-жадаллар ўрталарини бузиб юборган турли қабилалар бир-бирлари билан учрашиб, ораларини тузатиб оладиган мунтадо (клуб), барча ишларни бошқариб ва келди-кетдиларни тартибга солиб туриладиган марказ, маслаҳат ва ижроий мажлислари ўтказиладиган парламент вазифасини ҳам ўтарди. Шу билан бир қаторда у уй-жойи, мол-мулки ва бола-чақаси бўлмаган қочқин ва камбағал муҳожирларни ўз бағрига жойлаган маскан ҳам эди.

Ҳижратнинг бошларида азон машруъ бўлди, уфқларни тўлдириб ва борлиқни ларзага келтириб ҳар куни беш марта ягона Аллоҳдан ўзга барҳақ маъбуд йўқлигини ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг элчиси эканини эълон қилувчи ҳамда борлиқдаги Аллоҳнинг буюклигидан бошқа барча буюкликни, вужуддаги Муҳаммад Расулуллоҳ олиб келган диндан ўзга барча динларни рад қилувчи олий нидо чор-атрофга тарала бошлади. Азон калималари улуғ саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Зайд ибн Абду Роббуҳ розияллоҳу анҳуга тушида билдирилди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг туши ҳам унинг тушига мувофиқ келди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ушбу калималарни тасдиқладилар. Бунинг қиссаси ҳадис ва сийрат китобларида тўлалигича ривоят қилинган[2].

 

Мусулмонларни бир-бирлари билан оға-ини тутинтириш

 

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам мўминларни жамловчи ва қалбларни бир-бирига боғловчи марказ бўлмиш масжид қуриш билан бир қаторда тарихда мисли кўрилмаган яна бир ажойиб ишга ҳам қўл урдилар. Яъни, муҳожирлар билан ансорларни бир-бирига биродар тутинтирдилар. Ибнул Қаййим айтади: «Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Анас ибн Моликнинг ҳовлисида муҳожирлар билан ансорларни бир-бирларига биродар тутинтирдилар. Улар тенг ярми муҳожирлар, тенг ярми эса ансорлардан иборат жами тўқсон киши эдилар. Уларни жонажон дўст ва ўлганидан сўнг меросига қариндошларидан кўра ҳақлироқ бўлган биродар қилдилар. То Бадр ҳодисасига қадар мана шу ҳукмга амал қилиб келинди. Аллоҳ таоло: «Аллоҳнинг Китобида қон-қариндошлар бир-бирларига (меросхўр бўлишга) ҳақдорроқдирлар» (Анфол: 75) оятини нозил қилганидан кейин биродарлик аҳди сақланиб қолгани ҳолда уларнинг бир-биридан мерос олишлари бекор бўлди.

Баъзи қавлга кўра, муҳожирларнинг ўзларини ҳам бир-бирларига биродар тутинтирган эканлар... Бироқ, аввалгиси собитроқ. Чунки, муҳожирлар Ислом биродарлиги, ватандошлик биродарлиги ва насл-насаб жиҳатидан қариндошликлари туфайли яна ўрталарида алоҳида биродарлик аҳди тузилишидан беҳожат эдилар. Муҳожирлар ва ансорлар ўртасидаги ҳол ундай эмас эди»[3].

Бу биродар тутинтиришлари маъноси – қабила-уруғчилик руҳи эриб йўқ бўлиб кетиши, насаб, ранг, ватанга боғлиқ бўлган фарқлар орадан кўтарилиши, дўстлик ва душманлик фақат Ислом асосига барпо бўлиши дегани эди.

Биродарини ўзидан афзал кўриш, яхши кўрган нарсасини унга илиниш, улфат ва ҳамдард бўлиш ҳис-туйғулари ушбу биродарлик ичига сингиб кетган ва янги жамиятни ҳайратомуз намуналар билан тўлдирган эди.

Имом Бухорий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Муҳожирлар Мадинага келганларидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абдурраҳмон ибн Авф билан Саъд ибн Рабиъни биродар тутинтириб қўйдилар. Саъд Абдурраҳмонга: «Мен Мадинанинг энг бой кишилариданман. Мол-мулкимнинг тенг ярмини сизга бўлиб бермоқчиман. Иккита аёлим бор, улардан истаганингизни танланг, мен уни талоқ қилай, иддаси чиққанидан кейин сиз унга уйланинг», деди. Абдурраҳмон: «Аллоҳ оилангизга ва молингизга баракот берсин. Мени бозорга йўллаб қўйинглар», деди. Шундан сўнг уни Бану Қайнуқоъ бозорига йўллаб қўйдилар. Шу куниёқ у (олди-сотди қилиб) бир оз қурут ва сарёғ кўтариб келди. Сўнг эртасига ҳам бозорга йўл олди. Бир куни у кийимида суфра (хушбўй модда) излари кўринган ҳолда келиб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Нима гап?», деб сўрагандилар, Абдурраҳмон: «Уйландим ё Расулуллоҳ», деди. «Унга қанча маҳр бердингиз?», дедилар. «Беш дирҳам оғирлигида олтин», деб жавоб берди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бир қўй сўйиб бўлса ҳам, зиёфат беринг», дедилар»[4].

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, ансорлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Хурмозорларимизни биз билан биродарларимиз ўртасида тақсим қилинг», дедилар. У зот: «Йўқ», дедилар. Шунда улар: «Ундай бўлса, сизлар меҳнатига қаралашинглар, ҳосилига сизларни шерик қилайлик», дедилар. Улар ҳам: «Хўп», дейишди[5].

Бу ансорларнинг муҳожир биродарларига нисбатан ўта самимий муносабатда бўлганликларига, уларга бутун борлиқларини фидо қилишга тайёр бўлганликларига ва шу билан бир қаторда муҳожирларнинг ҳам ансорларнинг бу меҳмоннавозликларини қадрлай билганликларига, уни суиистеъмол қилмасдан, фақат эҳтиёжларига яраша миқдордагисини қабул қилишган эканига далолат қилади.

Дарҳақиқат, бу биродар тутинтириш мислсиз ҳикмат, доно сиёсат, мусулмонлар юзланиб турган кўпгина муаммоларга энг тўғри ечим бўлган эди.

 

Исломий иттифоқ битими

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мўминларни бир-бирларига биродар тутинтиришдан ташқари, улар ўртасида яна бир аҳдлашув битимини ҳам тузиб, бу билан улар орасида жоҳилият давридан қолган хусуматларни бекор қилдилар ва қабилавий низоларга бутунлай барҳам бердилар ҳамда шу битим туфайли кенг қамровли исломий бирликни вужудга келтиришга эришдилар. Қуйида мазкур битим бандлари келтирилади:

«Бу Муҳаммад Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан Қурайшлик ва Ясриблик мўмин-мусулмонлар ҳамда уларга эргашган, уларга қўшилган ва улар билан бирга жиҳод қилган кишилар ўртасида (амал қилиниши учун) тузиб берилган келишув бандларидир:

1) Улар бошқалар қаршисида ягона умматдирлар;

2) Қурайшлик муҳожирлар бир-бирлари билан ўзларининг (Исломдан олдинги) ҳолларида боғланишда давом этадилар. Ўз асирларини яхшилик ва мўминлар ўртасидаги адолат билан қутқариб оладилар. Ансорларнинг ҳар бир қабиласи ҳам ўзларининг аввалги ҳолларида бўлиб, илгариги алоқаларини давом эттирадилар. Улардан ҳар бир тоифа ўз асирларини яхшилик ва мўминлар ўртасидаги адолат билан қутқариб оладилар.

3) Мўминлар фидя ва тўлов кабиларни яхшилик билан бериб, ўрталарида оғирликларни қолдирмайдилар.

4) Тақводор мўминлар зулм қилган ёки мўминлар ичида зулм, гуноҳ, адоват ва бузуқлик ёйилишини истаган кишиларга қарши турадилар.

5) Унга (яъни, тажовузкорга) қарши – гарчи улардан бирининг фарзанди бўлса ҳам – улар бир тану бир жонга айланадилар.

6) Мўмин киши кофирнинг муқобилида мўминни ўлдирмайди.

7) Мўмин киши мўминнинг зиддига кофирга ёрдам бермайди.

8) Аллоҳнинг зиммаси (ҳимояси) ягонадир, энг қуйи даражада бўлган мўминнинг (бировга берган) ҳимояси ҳам барча мўминларга жорийдир.

9) Яҳудлар ичидан бизга эргашган кишиларни ўрнак қилинади, уларга ёрдам берилади, улар қаршисига ёрдам берилмайди, уларни мазлум ҳолда қўйилмайди.

10) Мўминларнинг силми (иттифоқи) ягонадир, мўмин киши Аллоҳ йўлидаги жангда барча мўминлар билан баробар ва адолатли иттифоқда бўлади.

11) Мўминлар Аллоҳ йўлида қонларига етган нарсаларда бир-бирларини ҳимоя қиладилар (яъни, бир-бирлари учун қасос оладилар) .

12) Мушрик кимса Қурайшнинг молини ҳам, жонини ҳам ҳимоя қила олмайди, мўминни ундан тўса олмайди.

13) Кимда-ким бир мўминни ноҳақ ўлдирса, ундан қасос олинади. Фақатгина ўлдирилган шахснинг валийси (эгаси) рози бўлсагина (қасос олинмайди).

14) Мўминларнинг ҳаммаси унга қарши бўладилар, унга қарши туришдан бошқа нарса уларга ҳалол бўлмайди.

15) Мўмин киши учун бирон бидъатчига ёрдам бериш ва унга паноҳ бериш ҳалол бўлмайди. Кимда-ким унга ёрдам берса ёки ўз паноҳига олса, қиёмат куни унга Аллоҳнинг лаънати ва ғазаби бўлади, ундан тавба ҳам, тўлов ҳам қабул қилинмайди.

16) Сизлар нимаики нарсада ихтилоф қилсангизлар, уни Аллоҳ азза ва жаллага ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга қайтариш (лозимдир)[6].

 

Мазкур маънавий тадбирларнинг жамиятга таъсири

 

Мана шундай ҳикматли ишлар ва доно тадбирлар билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам янги жамиятнинг пойдеворларини ўрнатдилар. Бу жамият Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга саҳоба бўлиш шарафига муяссар бўлган улуғ зотлар қалбларига ўрнашган маъноларнинг ташқи сурати ва уларнинг ҳаётдаги инъикоси эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга таълим-тарбия берар, нафсларини тозалар, улуғ ахлоқларга чорлар, биродарлик, меҳр-мурувват, оға-инилик, шараф ва тоат-ибодат одоблари билан одоблантирар эдилар.

Бир киши у зотдан: «Ислом (амаллари)нинг энг яхшиси қайси?» деб сўраган эди, «Таом едиришинг ҳамда таниган ва танимаган кишиларингга салом беришинг» деб жавоб бердилар[7].

Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳу айтади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага ҳижрат қилиб келганларида мен у кишининг олдиларига келдим. Юзларига зеҳн солиб, ёлғончининг юзи эмаслигини билдим. У зот аввало, шундай дедилар: «Эй одамлар, саломни ёйингиз, таом едирингиз, қариндошлар билан алоқа қилингиз, тунлари одамлар ухлаётганда намоз ўқингиз, жаннатга саломатлик ила кирасиз»[8].

У зот яна айтганлар: «Озор-азиятидан қўшниси хотиржам бўлмайдиган кимса жаннатга кирмайди»[9].

Яна айтганлар: «Мусулмон – мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлган кишидир»[10].

Яна айтганлар: «Сизларнинг бирортангиз то ўзи учун яхши кўрган нарсани биродарига ҳам яхши кўрмагунича иймонли бўлмайди»[11].

Яна айтганлар: «Мўминлар битта одамга ўхшашки, агар унинг кўзи оғриса ҳамма ери оғрийди, боши оғриса ҳамма ери оғрийди»[12].

Яна айтганлар: «Албатта, мўмин мўмин учун бир-бирини маҳкам тутиб турувчи бино (қисмлари) кабидир»[13].

Яна айтганлар: «Бир-бирингизга нафрат қилмангиз, бир-бирингизга ҳасад қилмангиз, бир-бирингиздан юз бурмангиз, ўзаро биродар бўлинг эй Аллоҳнинг бандалари! Мусулмон киши биродари билан уч кундан ортиқ гаплашмай қўйиши дуруст эмас!»[14]

Яна айтганлар: «Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Унга зулм қилмайди, душманига топшириб қўймайди. Ким биродарининг ҳожатини чиқариш йўлида бўлса, Аллоҳ унинг ҳожатини чиқариш йўлида бўлади. Ким мусулмон кишидан битта ғам-ташвишини аритса, Аллоҳ ундан Қиёмат кунининг ғамларидан бир ғамни аритади. Ким бир мусулмоннинг айбини яширса, Аллоҳ унинг айбини Қиёмат куни яширади»[15].

Яна айтганлар: «Ердагиларга раҳм қилинглар, осмондаги Зот сизларга раҳм қилади»[16].

Яна айтганлар: «Ён қўшниси оч-наҳор бўла туриб, ўзи тўқ юрадиган одам (комил) иймонли эмас»[17].

Яна айтганлар: «Мусулмонни сўкиш фосиқликдир, у билан жанг қилиш куфрдир»[18].

У зот йўлдан озорни четлатишни садақа деб, иймон бўлакларидан бир бўлаги деб санар эдилар[19].

Саҳобаларни инфоқ-эҳсон қилишга тарғиб қилиб, унинг фазилатларини таъсирчан сўзлар билан қалбларга жойлаб қўярдилар.

Бир ҳадисларида айтганлар: «Садақа гуноҳни худди сув ўтни ўчирганидек ўчиради»[20].

Яна айтганлар: «Қайси бир мўмин кийимсиз биродарини кийинтирса, Аллоҳ таоло уни жаннатнинг яшнаб турган либосларидан кийинтиради. Қайси бир мўмин оч биродарини таомлантирса, Аллоҳ таоло унга жаннат меваларидан едиради. Қайси бир мўмин чанқаган биродарига сув ичирса, Аллоҳ таоло унга раҳиқул махтум (яъни, соф ва қўл тегмаган, муҳрланган жаннат шаробидан)дан ичиради»[21].

Яна айтганлар: «Яримта хурмо (садақа қилиш) билан бўлса-да, у ҳам топилмаса, бир оғиз яхши сўз билан бўлса-да дўзахдан сақланингиз!»[22].

Шу билан бир вақтда у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўраниш ва тиламчиликдан покланишга қаттиқ тарғиб қилардилар, сабру қаноатнинг фазилатларини баён қилардилар, қаттиқ эҳтиёжсиз сўраниб юришни сўровчининг юзига етадиган тирналиш ва нуқсон деб санардилар[23].

Яна уларга ибодатларнинг фазилатларини ва ибодатлар учун Аллоҳ ҳузурида бериладиган ажру савобларни баён қилиб берардилар, уларни ўзларига самодан нозил бўлаётган ваҳий билан чамбарчас боғлаб қўярдилар, уни уларга ўқиб берардилар, улар ҳам бу каломи илоҳийни ўқишарди. Бу билан у зот асҳоблари даъватнинг ҳаққини ва рисолатнинг масъулиятини англашларини ва тадаббур қилишларини, нафақат англаш ва тадаббур қилиш, балки бу борада ўз зиммаларида бўлган бурчларини ҳис қилишларини истар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мана шу йўллар билан уларнинг дунёқарашларини тарбиялар, маънавиятларини юксакликка кўтариб, иқтидорларини уйғотар, уларга энг олий ўлчов ва мезонларни тақдим этардилар. Шу билан улар башарият тарихида пайғамбарлардан кейинги ўринда турадиган энг юксак камолат чўққиларини эгалладилар.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: «Ким эргашмоқчи бўлса, дунёдан ўтганларга эргашсин, чунки, тирик жон фитнадан омонда бўлмайди. Улар (яъни, дунёдан ўтиб кетганлар) Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларидир. Улар бу умматнинг афзаллари, қалби поклари, билими чуқурлари ва такаллуфи камлари бўлиб, Аллоҳ у инсонларни ўз пайғамбарига ҳамсуҳбат бўлиш ва ўз динини ўрнатиш учун танлагандир. Уларнинг қадрини, фазлини билингиз, изларидан эргашингиз! Қодир бўлганингиз қадар уларнинг ахлоқ ва сийратларини маҳкам тутингиз! Чунки улар тўғри йўлда бўлганлар»[24].

Қолаверса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам буюк йўлбошчи сифатида шундай маънавий ва зоҳирий сифатлар, олий фазилатлар, юксак иқтидор ва камолот, чиройли ахлоқ ва гўзал амалларни ўз шахсиятларида мужассамлаштирган эдиларки, мазкур сифатлар инсонларнинг қалбларини у зот сари интиладиган ва садоқат изҳор этадиган қилиб қўйган эди. Асҳоблари у зотнинг бир оғиз сўзларини бажаришга ошиқишар, бирор кўрсатма ёки тавсия берсалар, унга амал қилишга ўзаро мусобақалашар эдилар.

Ана шундай қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинада инсоният тарихида мисли кўрилмаган янги бир жамият барпо қилишга, замона гирдоблари ва жаҳолат зулматлари ичра қолиб келаётган инсониятнинг муаммоларига ечим топиб беришга қодир бўлдилар. Давр йўналишини ва тарих чархпалагини бутунлай бошқа йўналишга буриб юборган бу жамиятнинг асоси мана шундай юксак маънавиятлар билан такомиллашган эди.

 

Яҳудлар билан битим тузилиши

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонлар ўртасида ақидавий, сиёсий ва низомий бирликни вужудга келтириш орқали янги жамият ва янги исломий уммат пойдеворларини ўрнатиб олганларидан сўнг, энди мусулмон бўлмаган қавму қабилалар билан алоқаларни тартиблашга киришдилар. Бундан мақсадлари минтақада ягона келишувга эришиш ва унда яшаб турган барча инсонлар учун тинчлик-омонлик, бахт-саодат ва эмин-эркин ҳаракат қилишга имкон яратиб бериш эди. Бунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ирқий ва шахсий ғараз ҳамда таассубга тўла бўлган дунё ҳали кўрмаган бағрикенглик ва кечиримлилик асосидаги қонун-қоидаларни йўлга қўйдилар.

Мадинага энг яқин бўлган ғайри мусулмон қўшнилар аввал айтиб ўтганимиздек, яҳудийлар эди. Уларнинг дилларида гарчи, мусулмонларга нисбатан адоватлари бўлса-да, ҳозирча бирон душманлик ёки хусуматни изҳор қилган эмасдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улар билан битим тузиб, бу битимда улар учун яхшилик ва насиҳатни қарор топтирдилар. Уларнинг диний ва дунёвий эркинликларини тўлалигича қолдирдилар. Унда сургун, мусодара ёки адоват сиёсатига юз тутмадилар.

Қуйида ушбу битимнинг энг муҳим бандлари билан танишасиз:

1) Бану Авф яҳудийлари мўминлар билан бирга (яшаб турган) халқдир. Яҳудийлар учун ўз динлари, мусулмонлар учун ўз динлари бўлиб, уларнинг молу жонлари омондадир. Шунингдек, бу бошқа яҳудийларга ҳам тааллуқлидир.

2) Яҳудийларнинг нафақалари ўз зиммаларида, мусулмонларнинг нафақалари ҳам ўз зиммаларида.

3) Бу битим аҳлига уриш очган кимсаларга қарши улар бир-бирларига ёрдам беришлари лозим.

4) Гуноҳ бўлмаган ишларда улар ўртасида бир-бирига нисбатан холис муносабат ва насиҳат ҳукм суради.

5) Бирон киши ўз иттифоқчисига қарши жиноятга қўл урмайди.

6) Мазлумга ёрдам берилади.

7) Уруш ҳолатида яҳудийлар ҳам мусулмонлар билан бирга сарф-харажат қиладилар.

8) Ясриб тупроғида ушбу битим аҳлига тажовуз қилиш ҳаромдир

9) Бу битим аҳли ўртасида содир бўлган ҳар қандай ҳодиса ёки оқибати хатарли бўлган низолар ҳукми Аллоҳ азза ва жаллага ва Унинг элчиси бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳаволадир.

10) Қурайшга ҳамда унга ёрдам берганларга ҳимоя берилмайди.

11) Ясрибга босқин уюштирганларга қарши улар бир-бирларига ёрдам кўрсатадилар.

12) Бу битим бирон золим ёки жиноятчини жазодан тўсиб қололмайди[25].

Ушбу битим сабабли Мадина ва унинг атрофи тинч-тотув давлатга айланди, унинг пойтахти Мадина шаҳри, давлат бошлиғи эса – агар таъбир жоиз бўлса – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бўлдилар, ундаги нуфуз ва ҳукмронлик мусулмонлар қўлида бўлди.

Кейинчалик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам минтақа тинчлиги ва осойишталиги йўлида бошқа қабилалар билан ҳам шароит тақозосига кўра шу каби битимлар туздилар. Улар ҳақида кейинроқ, ўз ўринларида айтиб ўтамиз.

 

ҚОНЛИ КУРАШ

 

Қурайшнинг пўписа (провокация)лари ва Абдуллоҳ ибн Убай билан боғланишлари

 

Мусулмонлар Маккада эканларида Макка кофирлари уларнинг бошига солган кўргулик ва азоб-уқубатлар, ҳижратга мажбур бўлганларида эса уларнинг мол-мулкларини зўрлик билан мусодара қилганликлари ҳақида юқорида айтиб ўтилганди. Кейин ҳам улар ўз туғёнларидан қайтишмади, тажовузларидан тийилишмади. Мусулмонлар уларнинг қўлларидан қутулиб, Мадинада ўзлари учун хавфсиз қароргоҳ топишгач, улар ғазабдан ўзларини қўйгани жой топа олмай қолишди. Мадинанинг ҳижратдан олдинги раиси сифатида Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салулга мактуб йўллашиб – маълумки, у пайтда у мусулмонлик даъвосини қилмаган мушрик эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳижрат қилиб келишлари ва у зотга иймон келтиришлари бўлмаганда эди, Ясриб (Мадина) аҳли уни ўзларига подшоҳ қилиб кўтаришга ва бошига тож кийдиришга иттифоқ қилишганди – унга ва бошқа мушрик дўстларига кескин талаблар қўйишди: «Сизлар бизнинг қавмдошимизга жой бердингиз, биз қасамёд қиламизки, ё унга қарши урушга кирасизлар ё уни чиқариб юборасизлар ёки бўлмаса биз сизнинг устингизга юриш қиламиз, жангчиларингизни ўлдириб, аёлларингизни асира қиламиз»[26].

Ушбу мактуб етиб келиши билан Абдуллоҳ ибн Убай Маккалик мушрик оғайниларининг буйруқларини бажо келтириш учун ҳаракатини бошлади. Зеро, унинг ўзида ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарши чуқур нафрат ўрнаган, сабаби, подшоҳликка етишолмай қолганига фақат у зотни айбдор деб биларди. Абдуллоҳ ибн Убай атрофига йиғилган бутпарастлар билан бирга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарши урушга ҳозирлана бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундан хабар топгач, улар билан учрашиб: «Қурайшнинг пўписалари сизларга қаттиқ таъсир қилган кўринади. Бироқ, улар қилмоқчи бўлаётган фириб-найранг сизлар ўзингизга қилмоқчи бўлаётган фириб-найранг олдида ҳолва бўлиб қолади. Сизлар ўз фарзандларингиз ва қариндош-уруғларингизга қарши урушмоқчи бўлаяпсизлар», дедилар. Шундан сўнг улар у зотнинг сўзларидан таъсирланиб, тарқалиб кетишди[27].

Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул ўз ҳаммаслакларининг бўшашиб қолганини кўриб ўша пайтда урушдан тўхталган бўлса-да, унинг ҳаракатларидан Қурайш билан келишиб иш қилаётгани кўриниб турар, қулай фурсат бўлди дегунча мусулмонлар билан мушриклар ўртасига адоват оловини ёқишга уринарди. Бу ишда у яҳудийларни ўзига асосий ёрдамчи қилиб олганди. Лекин Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳикмат билан иш тутишларигина уларнинг ёмонликлари алангасини ўчириб турарди[28].

 

Ал-масжид ул-Ҳаромдан ман қилиш қарорининг эълон қилиниши

 

Орадан кўп ўтмай ансорлар бошлиқларидан Саъд ибн Муъоз умра учун Маккага бориб, Убай ибн Халафнинг уйига тушди. Умайяга: «Холи пайт бўлганида айтгин, Байтуллоҳни тавоф қилиб олай», деди. Қоқ пешин пайти Байтуллоҳга қараб боришаркан, йўлда Абу Жаҳлга дуч келиб қолишди. Абу Жаҳл: «Эй Абу Сафвон, ким бу ҳамроҳинг?», деб сўради. Саъд эканини билгач, Абу Жаҳл унга: «Қандай қилиб сен Маккада хотиржам айланиб юрибсан, ҳолбуки сизлар динбузуқиларга жой бериб қўйибсизлар, яна уларга ёрдам беришни ҳам зиммангизга олибсизлар?! Қасамки, агар Абу Сафвон ёнингда бирга бўлмасайди, уйингга соғ қайтмаган бўлардинг!» деб пўписа қилди. Саъд ҳам унга овозини кўтарди: «Аллоҳга қасамки, агар сен мени бундан ман қиладиган бўлсанг, мен сени бундан ҳам каттароқ нарсадан – Мадина устидан ўтувчи йўлдан ман қиламан!»[29]

 

Қурайш муҳожирларга таҳдид қилади

 

Афтидан, Қурайш бундан ҳам каттароқ ёмонликни дилига туккан, мусулмонларни янчиб ташлаш, хоссатан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни йўқ қилиш ҳақида ўйлаётган эди.

Буни қуруқ хаёл ёки ваҳима деб бўлмас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам Қурайш ушбу шум режасини амалга оширмоқчи эканига ишонч ҳосил қилган, шу боис кечаларни бедорликда ёки саҳобалар қўриқчилигида ўтказаётган эдилар. Имом Бухорий ва имом Муслим «Саҳиҳ»ларида ривоят қилишларича, Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келган пайтлари бир кеча: «Кошки, асҳобларимдан бир солиҳ киши мени бу кеча қўриқлаб чиқса», дедилар. Шу ҳолда эканмиз, бирдан қуролнинг шарақлаган овози эшитилиб қолди. У зот: «Ким бу?» дедилар. «Саъд ибн Аби Ваққосман», деган овоз келди. «Нима қилиб юрибсиз?», деб сўрадилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бирон хавф йўқмикин, деган фикр хаёлимни чулғаб олиб, у зотни қўриқлагани келдим», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ҳаққига дуо қилиб, ухлагани ётдилар»[30].

Бу қўриқчилик баъзи кечаларгагина чекланган бўлмай, бир қанча вақт тартибли равишда давом этди. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни тунлари қўриқлардилар, бир кеча «Аллоҳ Сизни одамлар (зарари)дан сақлагай» (Моида: 67) ояти нозил бўлгач, у зот ҳужрадан бошларини чиқариб: «Эй одамлар, кетаверинглар, мени Аллоҳ азза ва жалланинг Ўзи сақлашга ваъда берди», дедилар»[31].

Хатар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларигагина чекланган эмасди, балки у барча мусулмонларга хавф солиб турарди. Убай ибн Каъб ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва асҳоблари Мадинага келиб, ансорларнинг ҳимоясига киргач, араблар уларга қарши бирлашишди. Шундан сўнг улар қурол билан тунаб, қурол билан тонг оттирадиган бўлдилар».

 

Жангга изн берилиши

 

Мадинадаги мусулмонлар вужудига таҳдид солиб турган ва Қурайшнинг фириб-найранглардан бир зум ҳам тинмаётганидан хабар бериб турган ана шундай хатарли шароитда Аллоҳ таоло мусулмонлар учун жангга изн берди, бироқ жангни уларга фарз қилмади. Аллоҳ таоло деди: «Ҳужумга учраётган зотларга мазлум бўлганлари сабабли (жанг қилиш) изни берилди. Албатта Аллоҳ уларни ғолиб қилишга қодирдир» (Ҳаж: 39).

Бу оят билан бирга ушбу изн фақат ботилни суриб ташлаш ва Аллоҳнинг қонунларини ўрнатиш учунгина эканини баён қилувчи оятлар ҳам нозил бўлди: «Уларни (яъни мусулмонларни) агар Биз ер юзига ғолиб қилсак – улар намозни тўкис адо этадилар, закотни (ҳақдорларга) ато этадилар, яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар. (Барча) ишларнинг оқибати Аллоҳнинг (измидадир)» (Ҳаж: 41).

Изн фақат Қурайш билан жанг қилишга чекланган эди. Кейинчалик шароитлар ўзгариши билан жанг ҳақидаги ҳукм ҳам босқичма-босқич ривожланиб, охир-оқибат вожиблик даражасига етди ва Қурайшдан бошқаларга ҳам умумийга айланди. Воқеалар ривожига киришишдан аввал ана шу босқичларни қисқача баён қилиб ўтиш фойдадан холи бўлмаса керак:

1) Қурайш мушрикларини уруш ҳолатидаги душман деб эътибор қилиш. Чунки, душманликни улар биринчи бўлиб бошлашди, шу боис мусулмонлар бошқа араб мушрикларидан фарқли ўлароқ уларга қарши уруш қилишга ва мол-мулкларини мусодара қилишга ҳақли бўлдилар.

2) Қурайш сафига ўтган ва у билан бирлашган араб мушрикларидан ҳар бирига қарши уруш қилиш, шунингдек, Қурайшга алоқаси бўлмаган ҳолда ўзи мустақил равишда мусулмонларга тажовуз қилган ҳар бир кишига қарши урушиш.

3) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ўрталарида битим ва (урушмасликка) аҳду паймонлари бўлган яҳудлардан хиёнатга қўл урганлари ёки мушрикларни қўллаб-қувватлаганлари билан жанг қилиш ва улар билан тузилган аҳду паймонларни бекор ҳисоблаш.

4) Мусулмонларга биринчи бўлиб адоватни бошлаган насоро каби аҳли китобларга қарши то улар хорланган (мағлуб) ҳолларида ўз қўллари билан жизя (солиқ) тўламагунларича жанг қилиш.

5) Исломга кирган кишилардан қўл тортиш, илгари мушрик бўлганми, яҳудийми, насронийми, бошқами, фарқи йўқ, уларнинг жони ва молига дахл қилинмайди – Исломнинг ҳаққи бундан мустасно – уларнинг ҳисоб-китоби Аллоҳга ҳавола қилинади.

Урушга изн берувчи оят нозил бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қурайшнинг Макка-Шом йўналишидаги асосий тижорат йўлига ҳукмронликни қўлга киритишга қарор қилдилар. Бунинг учун эса иккита режа ишлаб чиқдилар:

Биринчи: Мазкур йўлнинг яқин атрофларида яшовчи, шунингдек ушбу йўл билан Мадина оралиғида турувчи қабилалар билан тинчлик битимлари тузиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жанговар ҳаракатлар бошлашдан олдин Жуҳайна қабиласи билан битим туздилар, уларнинг маскани Мадинадан уч босқич узоқликда эди. Шунингдек, ҳарбий ҳаракатлари асносида бошқа битимлар ҳам туздилар, улар ҳақида қуйироқда айтилади.

Иккинчи: Ушбу йўлга кетма-кет кичик гуруҳлар юбориб туриш.

 

Бадр жангидан олдин бўлиб ўтган ғазот ва сарийялар[32]

 

Жангга изн берувчи оят нозил бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юқорида айтилган икки режани амалга ошириш учун амалий ҳарбий ҳаракатларни бошладилар. Бу ҳаракатлар қидирув (разведка) ҳаракатларига ўхшаш бўлиб, улардан мақсад, айтиб ўтганимиздек:

а) Мадина атрофидаги ва Маккага олиб борувчи йўлларни текшириш, улардан бохабар бўлиб туриш.

б) Шу йўллар бўйида яшовчи қабилалар билан битимлар тузиш.

в) Ясрибдаги мушрик ва яҳудийларга, шунингдек атроф қишлоқлардаги аъробийларга мусулмонлар куч-қувватга эгаликларини ва илгариги заифликдан халос бўлганликларини сездириб қўйиш.

г) Қурайшни чуқур ўйламай қилинган ҳаракатлари оқибатидан огоҳлантириш, токи улар тобора чуқур кириб бораётган адоват ва тажовузларидан тийилсинлар ҳамда ўз иқтисодлари ва тирикчилик сабабларига бўладиган хатарлардан огоҳланиб, тинчликка мойил бўлсинлар, мусулмонлар устига бостириб келиш, Аллоҳнинг йўлидан тўсиш фикридан қайтсинлар, Маккада қолган заиф-ночор мўминларни азоблашдан тийилсинлар, охир-оқибат мусулмонлар ҳам Аллоҳнинг рисолатини Араб жазирасининг чор-атрофига етказиш имкониятига эга бўлсинлар.

Қуйида ушбу сарийялар ҳақида қисқача маълумотлар берамиз:

 

1. Сайфул-баҳр сарийяси

623- мелодий йилнинг март ойига тўғри келувчи ҳижрийнинг 1- йили рамазон ойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳамза ибн Абдулмутталиб амирлигида ўттиз кишилик муҳожирлар жамоасини Қурайшнинг Шомдан келаётган Абу Жаҳл ибн Ҳишом бошлиқ уч юз кишилик карвонини қарши олиш учун юбордилар. Улар Қизил денгиз бўйидаги Янбуъ билан Марва оралиғида жойлашган Ийс ноҳиясининг Сайфул-баҳр деган жойига етиб бордилар. Ҳар икки гуруҳ сафланиб, жангга ҳозирланган пайтда иккала гуруҳнинг ҳам иттифоқчиси саналган Маждий ибн Амр ал-Жуҳаний ўртага тушиб, жангнинг олдини олди, натижада жангсиз тарқалдилар.

Бу Ислом тарихидаги биринчи ҳарбий амалия ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тиккан биринчи байроқ эди. Ҳамза учун тикилган бу байроқнинг ранги оқ бўлиб, уни Абу Марсад Канноз ибн Хусойн ал-Ғанавий кўтариб олган эди.

 

2. Робиғ сарийяси

Ҳижрий 1- йил шаввол ойида – мелодий 623- йил апрел ойига тўғри келади – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Убайда ибн Ҳорис ибн Мутталиб бошлиқ олтмиш кишилик муҳожирлар жамоасини ҳарбий амалия учун юбордилар. Улар Батни Робиғ деган жойда Абу Суфён бошлиқ икки юз кишилик гуруҳга дуч келдилар. Икки тараф бир-бирига камон ўқлари узишди, бироқ жанг бўлмади.

Мана шу сарийяда Макка лашкаридан икки киши – Миқдод ибн Амр ал-Баҳроний ва Утба ибн Ғазвон ал-Мозиний мусулмонлар сафига келиб қўшилди. Улар аслида мусулмон бўлиб, мусулмонлар сафига қўшилиб олиш мақсадида кофир лашкар ичида йўлга чиққан эдилар. Убайданинг байроғи оқ рангли бўлиб, уни Мистаҳ ибн Усоса ибн Мутталиб ибн Абдуманоф кўтариб олганди.

 

3. Харрор сарийяси

Ҳижрий 1- йил зул-қаъда ойида – мелодий 623- йил май ойига тўғри келади – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Саъд ибн Аби Ваққос бошлиқ йигирма кишилик гуруҳни Қурайш карвонини қаршилаш учун юбордилар ва уларга Харрордан уёғига ўтмасликни буюрдилар. Улар яёв ҳолда, кундузлари яшириниб ётиб, тунлари йўл босиб, бешинчи куни деганда Харрорга етиб бордилар. Бироқ, маълум бўлишича, карвон бир кун олдин ўтиб кетган экан.

Саъд розияллоҳу анҳунинг байроғи оқ рангли бўлиб, уни Миқдод ибн Амр кўтариб олганди.

 

4. Абвоъ ёки Ваддон ғазоти

Ҳижрий 2- йил сафар ойида – мелодий 623- йил август ойига тўғри келади – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари етмиш кишилик муҳожирлар гуруҳига бош бўлиб, Қурайш карвонини қаршилашга чиқдилар. Ваддон деган жойгача етиб бордилар, бироқ бирон ёмонликка дуч келмадилар. Ўринларига Мадинага Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳуни қўйиб кетдилар.

Ушбу сафарларида Амр ибн Махший аз-Зомрий билан битимга эришдилар, у ўша даврда Бану Зомра қабиласининг раиси эди. Битим қуйидагича тузилганди: «Бу Муҳаммад Расулуллоҳдан Бану Зомрага берилган хат (битим) бўлиб, уларнинг моллари ва жонлари омондадир, улар ўзларига қарши қасд қилганлар устидан (Расулуллоҳдан) ёрдам олишга ҳақлидирлар, шарти шуки, Аллоҳнинг динига қарши ҳеч қачон урушмасликлари керак. Набий уларни ёрдамга чорласа, унга ижобат қиладилар»[33].

Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг биринчи ғазотлари эди, унда ўн беш кун Мадинада бўлмадилар. Байроқлари оқ рангли бўлиб, уни Ҳамза ибн Абдулмутталиб кўтариб олганди.

 

5. Бувот ғазоти

Ҳижрий 2- йил рабиул-аввал ойида – мелодий 623- йил сентябр ойига тўғри келади – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларидан икки юз киши ҳамроҳлигида Қурайшнинг Умайя ибн Халаф ал-Жумаҳий бошлиқ юз кишилик, икки минг беш юз туядан иборат карвонига қарши йўлга чиқдилар. Разво ноҳиясининг Бувот деган жойигача бордилар, бирон ёмонликка дуч келмадилар.

Бу ғазотларида Мадинага Саъд ибн Муозни бошлиқ қилиб қўйиб кетдилар. Байроқлари оқ рангли бўлиб, уни Саъд ибн Аби Ваққос розияллоҳу анҳу кўтариб олганди.

 

6. Сафавон ғазоти

Ҳижрий 2- йил рабиул-аввал ойида – мелодий 623- йил сентябр ойига тўғри келади – Курз ибн Жобир ал-Фиҳрий бошлиқ мушрикларнинг кичик бир гуруҳи Мадина яйловларига босқин уюштириб, чорва молларидан бир қисмини ҳайдаб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам етмиш киши ҳамроҳлигида унинг ортидан қувиб чиқдилар ва Бадр ноҳиясининг Сафавон водийсигача бордилар. Бироқ, Курзнинг гуруҳини топа олмай, жангсиз қайтдилар. Бу ғазот биринчи Бадр ғазоти деб аталади.

Ушбу ғазотларида Мадинага Зайд ибн Ҳорисани бошлиқ қилиб қўйиб кетдилар. Байроқлари оқ рангли бўлиб, уни Алий ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳу кўтариб олганди.

 

7. Зул-ушайра ғазоти

Ҳижрий 2- йил жумодул-увло ва жумодул-охира ойларида – мелодий 623- йил ноябр-декабр ойларига тўғри келади – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир юз эллик кишилик – бир қавлда икки юз кишилик – муҳожирлар жамоаси билан ўттизта туяга навбатлашиб минган ҳолларида Қурайшнинг Шомга йўл олган карвонига қарши ғазотга отландилар, ушбу карвоннинг Маккадан чиққани ҳақида хабар келган эди. Ҳеч кимни ушбу жангга чиқишга мажбурламадилар. Зул-ушайра деган жойга етганларида карвон бир неча кун олдин ўтиб кетгани маълум бўлди. Бу – Шомдан қайтишида мусулмонлар унинг йўлига чиққан ва катта Бадр ғазотига сабаб бўлган карвон эди.

Ибн Исҳоқнинг сўзларига қараганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлга чиқишлари жумодул-увлонинг охирларида, қайтишлари эса жумодул-охиранинг бошларида бўлди. Тарихчиларнинг ушбу ғазот бўлиб ўтган ойни белгилашда ихтилоф қилишларининг сабаби шунда бўлса керак.

Ушбу ғазотда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бану Мудлиж ва уларнинг иттифоқчилари Бану Зомра қабилалари билан урушмаслик ҳақида битим туздилар.

Мадинага Абу Салама ибн Абдуласад ал-Махзумийни бош қилиб кетгандилар, байроқларининг ранги оқ бўлиб, уни Ҳамза ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳу кўтариб олганди.

 

8. Нахла сарийяси

Ҳижрий 2- йил ражаб ойида – мелодий 624- йил январ ойига тўғри келади – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абдуллоҳ ибн Жаҳш ал-Асадийни муҳожирлардан ўн икки кишига бош қилиб Нахлага юбордилар, улар икки киши биттадан туяга миниб кетдилар. Унинг қўлига бир мактуб бериб, уни фақат икки кундан кейингина очиб ўқийсан, деб буюрдилар. Абдуллоҳ икки кун йўл юрганларидан сўнг мактубни очди. Унда шундай дейилган экан: «Мактубимни очиб ўқигач, йўлда давом этиб, Макка билан Тоиф ўрталигидаги Нахлага бориб тушасан ва Қурайш карвонини пойлаб, бизга уларнинг хабарини билиб келасан». Абдуллоҳ: «Бош устига» деди ва шерикларига бу ҳақда хабар берди, уларни боришга мажбур қилмаслигини, ким шаҳидлик истаса йўлга тушиши, ўлимни ёмон кўрган киши ортига қайтиши мумкинлигини айтиб, ўзи йўлга отланишга тайёрлигини билдирди. Улар барчалари йўлга тушдилар, фақат йўл асносида Саъд ибн Аби Ваққос ва Утба ибн Ғазвон мингашиб келаётган туяларини йўқотиб қўйиб, уни излаш билан овора бўлиб, ортда қолиб кетдилар.

Абдуллоҳ ибн Жаҳш жамоаси йўлда давом этиб, Нахлага бориб тушди. Шу орада Қурайшнинг майиз, тери ва тижорат моллари юкланган карвони ўтиб қолди. Уни Амр ибн Хазрамий, Абдуллоҳ ибн Муғийранинг икки ўғли – Усмон ва Навфал, Бану Муғийранинг озод қилган қули Ҳакам ибн Кайсон кузатиб борарди. Мусулмонлар ўзаро маслаҳатлашиб, ҳозир шаҳри ҳаром (яъни уруш ҳаром қилинган ой) ражабнинг охирги кунида турибмиз, агар жанг қилсак шаҳри ҳаром ҳурматини бузган бўламиз, агар шу кеча уларни қўлдан чиқарсак Ҳарам ичкарисига ўтиб кетишади, дейишиб, жанг қилишга қарор қилишди. Улардан бирлари отган ўқ Амр ибн Хазрамийга тегиб, уни ўлдирди, Усмон ва Ҳакамни асир олдилар, Навфал эса қочиб қутулди. Сўнг карвонни иккала асир билан Мадинага олиб келдилар, ундан хумус (яъни жангда олинган ўлжанинг бешдан бирини) ажратиб олгандилар, бу Исломдаги биринчи хумус, Исломдаги биринчи мақтул (ўлдирилган шахс) ва Исломдаги дастлабки икки асир эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг бу қилган ишларини маъқулламадилар ва: «Мен сизларни шаҳри ҳаромда жанг қилишга буюрмаган эдим», дедилар, карвон ва иккала асир ҳақида тасарруф қилишдан тўхталиб турдилар.

Мушриклар юз берган бу воқеани мусулмонларни Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни ҳалол қилганликда айблаш учун ғанимат билдилар, бу ҳақда гап-сўз ва миш-мишлар кучайди. Бироқ, кўп ўтмай бу гап-сўзларга нуқта қўйиб ва мушрикларнинг қилиб турган қилмишлари мусулмонлар қилган бу ишдан анча оғир ва гуноҳи каттароқ эканини хабар бериб ваҳий нозил бўлди: «Сиздан «шаҳри ҳаром» уруш ҳаром бўлган ойда жанг қилиш ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «У ойда жанг қилиш катта гуноҳдир. Аллоҳнинг йўлидан тўсиш, Унга ишонмаслик ва Масжид-ал-Ҳаромдан (яъни Маккадан) тўсиш ва ундан аҳлларини қувиб чиқариш Аллоҳ наздида улуғроқ гуноҳдир. Фитна (ширк) ўлдиришдан-да каттароқ гуноҳдир» (Бақара: 217).

Ушбу ваҳий очиқдан-очиқ баён қилиб бердики, мушриклар мусулмон жангчилар хулқ-атворини шубҳа остига олиш учун қўзғатаётган гап-сўзлар ва авж олдираётган шовқин-суронлар бутунлай ўринсиз. Муқаддас ҳурматлар аслида Исломга қарши курашиш ва унинг аҳлини қувғин қилиш билан поймол қилинган. Ахир мусулмонларнинг мол-мулкини тортиб олиш ва пайғамбарларини ўлдиришга қарор қилишганда улар Баладул Ҳаромда эмасмидилар?! Нега энди бирданига бу ҳурматларнинг муқаддаслиги қайтиб қолди, уларни поймол қилиш шармандалик ва ор саналадиган бўлиб қолди?! Шубҳасиз, мушриклар тарқатаётган бу овозалар сурбетлик ва ифлосликка қурилган даъволардан бошқа нарса эмасди!

Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам иккала асирни бўшатиб юбордилар ва ўлдирилганнинг эгаларига дия – хун пули тўладилар[34].

 

* * *

 

Бадр ғазотидан олдин бўлиб ўтган бу ғазот ва сарийяларнинг биронтасида одамларни ўлдириш, молларини ўлжа қилиш ҳолатлари бўлмади, фақат мушриклар Курз ибн Жобир ал-Фиҳрий бошчилигида қўл урган жиноятдан кейингина бу нарса содир бўлди. Мушрикларнинг ўзлари буни биринчи бўлиб бошлаб бердилар, ундан ташқари уларнинг аввалдан қилиб келаётган қилмишлари ҳам охир-оқибат шунга олиб келди.

Абдуллоҳ ибн Жаҳшнинг сарийясида юз берган воқеадан кейин мушриклар ҳақиқий хавфни ҳис қилишди, хатар уларнинг кўз олдида аниқ-тиниқ кўриниб қолди. Уларнинг қўрқиб юрган ишлари содир бўлди. Маълум бўлдики, Мадина ғоят огоҳлик билан уларнинг ҳар бир хатти ҳаракатларини, тижорат йўналишларини кузатиб, пойлаб турган экан, мусулмонлар тақрибан уч юз мил масофага ҳаракатланишга, уларнинг одамларини ўлдириш ва асир олишга, молларини ўлжа олиб, соғ-саломат уйларига қайтишга қодир эканлар. Мушриклар Шомга бўлган тижоратлари давомий хатар остида қолганига ишонч ҳосил қилишди. Лекин бу нарса уларни ғафлатдан уйғонишга, Жуҳайна ва Бану Зомра қабилалари қилгани каби тузалиш ва ярашиш йўлини тутишга олиб келиш ўрнига адоват ва нафратларини бадтар кучайтирди, Қурайшнинг зодагон ва арбоблари илгаридан айтиб келишаётгани каби мусулмонларни ўз уйларида янчиб ташлаш ҳақидаги таҳдид ва пўписаларини яна-да қаттиқроқ оҳангда айта бошлашди, уларни Бадрга етаклаб келган нарса ҳам мана шу ҳовлиқмаликлари бўлди.

Абдуллоҳ ибн Жаҳш сарийяси воқеасидан кейин Аллоҳ таоло ҳижрий 2- йил шаъбон ойида мусулмонларга жангни фарз қилди, бу ҳақда очиқ-равшан оятлар нозил қилди: «Сизларга қарши урушувчилар билан Аллоҳ йўлида жанг қилингиз ва тажовузкор бўлмангиз! Шубҳасиз, Аллоҳ тажовузкорларни севмайди. Уларни (сизлар билан уруш олиб бораётганларни) топган жойингизда ўлдирингиз ва сизларни (қувиб) чиқарган жой (яъни Макка)дан уларни ҳам қувиб чиқарингиз! Фитна (яъни, Куфр, ширк ва Исломдан тўсиш сизлар уларни) ўлдириш(ингиз)дан ёмонроқдир. Ўзлари уруш бошлагунча улар билан Масжид-ал-Ҳаром олдида урушмангиз! Бас, агар ўзлари уруш бошласалар, у ҳолда уларни ўлдиринглар! Кофирларнинг жазоси шундай бўлади. Энди агар тўхтасалар (куфрдан кечиб, Исломга кирсалар), албатта Аллоҳ кечирувчи, раҳмлидир. То фитна тугаб, бутун дин Аллоҳ учун бўлгунга қадар улар билан урушингиз! Энди агар тўхтасалар, у ҳолда сизлар ҳам тўхтангиз! Зеро, фақат золимларга қарши душманлик қилиш мумкин» (Бақара: 190-193).

Шундан сўнг ҳеч қанча ўтмай Аллоҳ таоло мусулмонларга жанг қилиш йўлини ўргатувчи, унга тарғиб қилувчи ва уруш ҳукмларидан баъзиларини баён қилиб берувчи бошқа турдаги оятлар нозил қилди: «Бас, (эй мўминлар), қачон сизлар (жанг майдонида) кофир бўлган кимсалар билан тўқнашганларингизда бўйинларига урингиз ўлдирингиз! Энди қачон уларни(нг кўпларини) қириб (мағлуб қилганингиздан кейин уларни асир олиб) арқонлар билан боғлангиз! Сўнг ё (уларни озод қилиб юбориш билан) марҳамат кўрсатурсизлар ё (уларни қўйиб юбориш учун) фидя-товон олурсизлар. Токи уруш юкларини қўйгунича (яъни тўхтагунича сизларга буюрилган иш) мана шудир. Агар Аллоҳ хоҳласа улардан (жанг-жадалсиз ҳам) ғолиб бўлур (яъни уларни йўқ қилиб юборур) эди, лекин У зот сизларнинг айримларингизни айримларингиз билан имтиҳон қилиш учун (сизларни жангга буюрди). Аллоҳ йўлида ўлдирилган зотларнинг амалларини ҳаргиз зое кеткизмас. Уларни (жаннат йўлига) ҳидоят қилур ва ишларини ўнглар. Уларни (Аллоҳнинг) Ўзи уларга танитган жаннатга киритур. Эй мўминлар, агар сизлар Аллоҳга ёрдам берсангизлар (яъни Унинг йўлида жиҳод қилсангизлар), У зот ҳам сизларга ёрдам берур ва жанг майдонида қадамларингизни собит-барқарор қилур» (Муҳаммад: 4-7).

Кейин Аллоҳ таоло жангга бўлган буйруқни эшитиб, юраклари қалтираб, бесаранжом бўлиб қоладиган одамларни мазаммат қилди: «Энди қачон аниқ бир сура нозил қилиниб, унда жанг зикр этилса дилларида мараз бўлган кимсаларни, сизга ҳудди (келиб қолган) ўлимдан (қўрқиб) беҳуш бўлиб қолган кимсанинг қараши билан қарашаётганини кўрурсиз» (Муҳаммад: 20).

Жангнинг фарз қилиниши, унга тарғиб қилиниш ва унга ҳозирланишга бўлган буйруқ айнан ўша пайтдаги ҳолат тақозо қилган иш эди. Агар фаразан ўша жойда вазиятни чуқур ўрганган бир қўмондон бўлганида ўз лашкарига албатта фавқулодда ҳолатларга тайёрланишга буюрган бўларди. Шундай экан, ҳамма нарсани билиб турувчи, ҳаммадан олий бўлган буюк Парвардигор қандай қилиб бунга буюрмасин?! Вазият ҳақ билан ботил ўртасида қонли кураш бўлишини тақозо қилаётганди. Абдуллоҳ ибн Жаҳш сарийяси воқеаси мушрикларнинг ўжарлик ва ҳамиятларига қақшатқич зарба бўлиб тушди, уларнинг бутун вужудларидан оромларини тортиб олиб, худди чўғ устида думалаётган ҳолга тушириб қўйди.

Жангга буюрувчи оятлар ўз мазмун моҳиятига кўра қонли курашнинг яқинлашганига, унда узил-кесил ғалаба мусулмонлар фойдасига бўлишига далолат қиларди. Чунки, уларда Аллоҳ таоло мусулмонларга мушриклар уларни қаердан чиқарган бўлсалар, уларни ҳам ўша ердан чиқаришни буюрар, уларга ғолиб лашкар асирларга нисбатан қўллаши лозим бўлган ҳукмларни таълим берар эди. Буларнинг ҳаммаси узил-кесил ғалаба мусулмонларники бўлишига ишора эди. Бироқ, ҳар бир киши ўзидаги Аллоҳ йўлида бўлган ғайрат-шижоатини юзага чиқариши учун буни очиқ айтилмаганди.

Ана шу кунларда – 2- ҳижрийнинг шаъбони, 624- мелодийнинг февралида – Аллоҳ таолонинг қиблани Байтул-Мақдисдан Масжидул-Ҳаромга ўзгартиришга бўлган буйруғи нозил бўлди. Бунинг натижаси ўлароқ мусулмонлар сафига беқарорлик таратиш мақсадида кириб олган яҳуд ва мунофиқлардан иборат заиф иймонли кишилар ўзларининг ҳақиқий башараларини намоён қилишиб, мусулмонлардан ажралиб кетишди, шу билан мусулмонларнинг сафлари кўпгина алдов ва хиёнат аҳлидан тозаланиб қолди.

Қибланинг ўзгаришида ҳам мусулмонлар мазкур қиблани қўлга киритишлари билангина якунига етадиган янги даврнинг бошланишига нозик ишора бўлса керак. Зотан, бир қавмнинг қибласи душманлари қўли остида бўлиши қизиқ эмасми?! Агар ҳақиқатан душман қўлида бўларкан, мусулмонлар ҳақ устида бўлсалар, ўз қиблаларини бир куни келиб албатта халос қилишлари лозим ва лобид эди.

Мана шундай буйруқ ва ишоралар билан мусулмонларнинг ғайратларига ғайрат қўшилди, Аллоҳ йўлидаги жиҳодга, Аллоҳнинг калимасини олий қилиш учун кечадиган ҳал қилувчи жангда душман билан юзма-юз келишга иштиёқлари кучайди.



[1] Хайбардан келувчи хурмо, майиз каби озиқ-овқат ва тижорат моллари кўзда тутилган. (Фатҳул Борий).

[2] Термизий ривояти: Намоз китоби, азоннинг бошланиши ҳақидаги боб: 1/358, 359 (189-ҳадис), Абу Довуд, Аҳмад ва бошқалар ҳам ривоят қилганлар.

[3] Зодул маъод: 2/56.

[4] Саҳиҳул Бухорий: 1/553.

[5] Саҳиҳул Бухорий Фатҳул Борий билан биргаликда: 4/337 (2049, 2293, 3781, 3937, 5072, 5148, 5153, 5155, 5167, 6082, 6386-ҳадислар). Ушбу биродар тутинтириш ҳақидаги ҳадислар Саҳиҳ Муслим (2529), Сунан Аби Довуд (2926), Ал-адабул-муфрад (561), Муснад Аби Яъло (4/366) ва бошқа ҳадис тўпламларида ҳам ривоят қилинган.

[6] Ибн Ҳишом: 1/502, 503

[7] Саҳиҳул Бухорий: 1/6, 9.

[8] Термизий, Ибн Можа ва Доримий ривоятлари, Мишкотул масобийҳ: 1/168.

[9] Имом Муслим ривояти, Мишкотул масобийҳ: 2/422.

[10] Саҳиҳул Бухорий: 1/6.

[11] Саҳиҳул Бухорий: 1/6.

[12] Имом Муслим ривояти, Мишкотул масобийҳ: 2/422.

[13] Имом Муслим ривояти, Мишкотул масобийҳ: 2/422.

[14] Саҳиҳул Бухорий: 2/896.

[15] Муттафақун алайҳ, Мишкотул масобийҳ: 2/422.

[16] Сунан Аби Довуд: 2/335, Жомиъут-Термизий: 2/14.

[17] Байҳақий «Шуъабул-иймон»да ривоят қилган, Мишкотул масобийҳ: 2/424.

[18] Саҳиҳул Бухорий: 2/893, Термизий: 4/311.

[19] «Саҳиҳайн»да бу ҳақда кўплаб ҳадислар ривоят қилинган, Мишкотул масобийҳ: 1/12, 167.

[20] Аҳмад, Термизий, Ибн Можа ривоятлари, Мишкотул масобийҳ: 1/14.

[21] Сунан Аби Довуд, Мишкотул масобийҳ: 1/169, Жомиъут-Термизий: 4/546 (2449-ҳ).

[22] Саҳиҳул Бухорий: 1/19, 2/890.

[23] Абу Довуд, Термизий, Насоий, Ибн Можа, Доримий ривоятлари, Мишкотул масобийҳ: 1/163.

[24] Разин ривояти, Мишкотул масобийҳ: 1/32.

[25] Ибн Ҳишом: 1/503, 504.

[26] Абу Довуд (2/154) ривояти.

[27] Абу Довуд (2/154) ривояти.

[28] Қаранг: Саҳиҳул-Бухорий: 2/655, 656, 916, 924.

[29] Саҳиҳул-Бухорий: 3/563.

[30] Саҳиҳул-Бухорий: «Китабул-жиҳад» (2885), Саҳиҳул-Муслим: «Китабу фазоилис-соҳаба» (4/1875).

[31] Жомеъут-Термизий: Тафсиру суратил-Моида 5/234, (3046ҳ).

[32] Муаррихлар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шахсан иштирок этган юришларни – унда жанг бўлиб ўтганми, бўлмаганми, фарқсиз – ғазот деб атаганлар, ўзлари иштирок этмасдан бошқаларни юборган юришларни сарийя деб атаганлар.

[33] Ал-маваҳибул-ладуния: 1/75.

[34] Ушбу сарийя ва ғазотлар тафсилотини Ибнул Қаййимнинг «Зодул-маъод»идан (2/83-85) ва Ибн Ҳишомдан (1/591-605) олдик, манбаларда бу ғазот ва сарийяларнинг тартиби, уларда иштирок этган кишилар сонини таъйин қилиш борасида ихтилофлар бор, биз бунда Ибнул Қаййимнинг таҳқиқларига суяндик.


Qayd etilgan


lolo  24 Noyabr 2009, 06:16:06

КАТТА БАДР ЖАНГИ – ИСЛОМДАГИ ДАСТЛАБКИ ҲАЛ ҚИЛУВЧИ ЖАНГ

 

Жангнинг келиб чиқиш сабаби

 

Маълумки, Ушайра ғазотида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қурайшнинг Маккадан Шомга бораётган карвонига етолмай қолгандилар. Мазкур карвоннинг Шомдан қайтиш вақти яқинлашгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Талҳа ибн Убайдуллоҳ билан Саид ибн Зайдни унинг хабарини билиб келишга шимол томонга юбордилар. Улар Ҳаврога бориб кутиб туришганида Абу Суфён ибн Ҳарб карвонни олиб ўтиб қолди. У иккаласи тезлик билан Мадинага қайтиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга хабарни етказдилар.

Карвонда Макка киборлари ва бошлиқларига қарашли улкан бойликлар бўлиб, у камида эллик минг олтин динорлик мол ортилган мингта туядан иборат эди. Уни бор йўғи қирқтача қуролли кишилар қўриқлаб боришарди.

Бу мусулмонлар Маккаликларга асрлар бўйи оғриғи кетмайдиган қақшатгич иқтисодий зарба беришлари учун ғоят қулай фурсат эди. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бу Қурайшнинг бор мол-мулки ортилган карвони, уни қўлга киритиш учун отланинглар, шояд Аллоҳ уни сизларга ўлжа қилиб берса», деб эълон қилдилар.

Ҳеч кимни чиқишга қатъий буюрмадилар, балки ишни тўла ихтиёрийликка қўйдилар. Чунки, ўзлари ҳам карвон ўрнига Бадрда Макка лашкари билан аёвсиз тўқнашувга дуч келишларини кутмагандилар. Шу боис кўпчилик саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу юришлари ҳам худди ўтган сарийя ва ғазотларда бўлганидек воқеалар билан якунланса керак, деган ўйда Мадинада қолиб кетдилар. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам уларни бу ғазотдан қолишларини айбламадилар.

 

Ислом лашкарининг кучи ва лашкарбошилар тайинланиши

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам 310 дан ошиқроқ (313 ё 314 ё 317 киши, 82 ё 83 ё 86 таси муҳожирлардан, 61 та авслик, 170 та хазражликдан иборат) киши билан юришга ҳозир бўлдилар. Бу юришга қаттиқ сафарбарлик бўлмади, тўлақонли тайёргарлик ҳам кўрилмади. Лашкар ичида бор йўғи битта ё иккита от бўлиб, биттаси Зубайр ибн Аввомники, иккинчиси Миқдод ибн Асвадники эди[1], етмишта туяга икки ё уч кишидан бўлиб миниб боришарди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Алий ҳамда Марсад ибн Аби Марсад билан битта туяга миниб боришарди.

Мадинага бошлиқ ва намозга имом қилиб Абдуллоҳ ибн Умму Мактумни қолдирдилар. Равҳога етганларида Абу Лубоба ибн Абдулмунзирни ортига, Мадинага бошлиқ қилиб қайтардилар.

Бош қўмондонлик байроғини Мусъаб ибн Умайр ал-Қураший ал-Абдарийга бердилар, байроқ оқ рангда эди.

Лашкарни икки қисмга бўлдилар:

1) Муҳожирлар бўлинмаси: Унинг байроғини Алий ибн Аби Толибга бердилар, бу байроқни «Уқоб» дейиларди.

2) Ансорлар бўлинмаси: Унинг байроғини Саъд ибн Муозга бердилар. (Ҳар икки байроқ қора рангда эди).

Ўнг қанот қўмондонлигини Зубайр ибн Аввомга, чап қанотни эса Миқдод ибн Амрга топширдилар, айтиб ўтганимиздек, лашкар ичидаги бор йўғи отлиқлар шу иккисигина эди. Орқа тарафни эса Қайс ибн Абу Саъсаъага топширдилар. Умумий қўмондонлик бош қўмондон сифатида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қўлларида қолди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яхши тайёргарликдан ўтмаган ушбу лашкар билан йўлга отландилар. Мадинадан чиқиб, Маккага олиб борувчи асосий йўлга тушиб олдилар. Равҳо қудуғига етиб боргач, Макка йўлини қўйиб, чапга бурилдилар. Нозиядан ўтиб, Бадр томонга йўл олдилар. Нозия билан Сафро дараси ўрталиғидаги Руҳқон водийсидан ўтиб, Сафрога яқинлашдилар. Шу ерда Басбас ибн Амр ал-Жуҳаний билан Адий ибн Абуз-Зағбо ал-Жуҳанийни Бадрга, карвон хабарини билишга юбордилар.

 

Макканинг огоҳлантирилиши

 

Карвондан жавобгар шахс бўлмиш Абу Суфён ғоят эҳтиёткорлик ва огоҳлик билан ҳаракат қилаётган, Макка йўли хатарлар билан тўла эканлигини билгани боис йўл-йўлакай қарши тарафдан келаётган йўловчилардан сўраб-суриштириб, хабарларни билиб келаётган эди. Табиийки, унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларини унинг карвонини қўлга киритишга сафарбар қилаётганлари хабари ҳам етмай қолмади. Шундан сўнг у Зомзом ибн Амр ал-Ғифорий деган шахсни чопарликка ёллаб, Қурайшни ўз карвонини қутқариш учун етиб келишга чорлади. Зомзом тўхтовсиз юриб Маккага етиб борди ва Батни Водийда туяси устида тик турган ҳолда, туясининг бурнини кесиб, эгарини айлантириб, ёқасини йиртиб: «Эй Қурайш жамоаси! Фалокат! Фалокат! Абу Суфённинг карвонига Муҳаммад асҳоблари билан кўз олайтирди! Молларингиз қўлдан кетди, деб қўрқаман! Ёрдамга, ёрдамга!» деб фарёд кўтарди.

 

Макка аҳли урушга ҳозирланади

 

Қурайш тезлик билан жангга ҳозирланди, бақир-чақир билан: «Муҳаммад билан асҳоблари иш Ибн Хазрамийнинг карвони билан бўлгандек ҳамирдан қил суғургандек битади, деб хом хаёл қилишяптими?! Йўқ, ҳаргиз ундай бўлмайди! Биз унга кимлигимизни кўрсатиб қўямиз!» деб шовқин кўтаришди. Ҳеч ким қолмасдан, ё ўзи чиқди ё ўрнига бировни юборди. Қабила бошлиқларидан Абу Лаҳабдан бошқа ҳамма йўлга отланди, ёлғиз у ўзидан қарздор бўлган бир кишини ўз ўрнига юборди. Атроф қабилалардан ҳам одам тўплашди. Қурайш уруғларидан бир Бану Адий чиқишга хоҳиш билдирмади, улардан бошқа ҳеч ким чиқмай қолмади.

 

Макка лашкарининг қуввати

 

Лашкар йўлга отланганида унинг таркибида 1300 жангчи, 100 та от, 600 та совут, саноқсиз кўп туялар бор эди. Абу Жаҳл ибн Ҳишом бош қўмондон бўлди, лашкарнинг сарф-харажатини Қурайш киборларидан тўққиз киши ўз бўйнига олганди, бир кун тўққизта, бир кун ўнта туя сўйиларди.

 

Бану Бакр қабиласи муаммо туғдиради

 

Лашкар йўлга тушишга тайёр бўлиб турган бир пайтда Бану Бакр қабиласи билан адовати борлиги ва улар билан уруш ҳолатида экани Қурайшнинг ёдига тушиб қолди, орқа тарафдан ушбу қабиланинг ҳужумига дучор бўлиб, икки ўт ўртасида қолиш хавфи пайдо бўлди. Ҳатто бу қўрқув уларни йўлга чиқишдан буриб юбораёзди. Бироқ, шунда Иблис уларга Суроқа ибн Молик ибн Жуъшум (Бану Кинона саййиди) суратида кўриниб: «Мен сизларни орқа тарафдан бирон муаммога дуч келишингиздан ҳимоя қиламан», деди.

 

Макка лашкари йўлга тушади

 

Шундан сўнг улар диёрларидан Аллоҳ таоло айтгани каби: «кибру ҳаво билан ўзларини одамларга кўз-кўзлаб чиққан ва Аллоҳнинг йўлидан тўсадиган кимсалар» (Анфол: 47) бўлиб чиқишди, бор кучларини йиғиб Аллоҳу Расулига қарши жангга отланишди, уларни ўз карвонларига ҳужум қилмоқчи бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у зотнинг асҳобларига қарши чексиз адоват ва нафрат ўраб олганди.

Шимол томонга Бадр йўналишида катта тезлик билан ҳаракатлана бошладилар, аввал Усфон водийсини, сўнг Қудайдни босиб ўтиб, Жуҳфага етиб бордилар. Шу ерда уларга Абу Суфёндан мактуб етиб келди, унда: «Сизлар албатта карвонингиз, молларингиз ва одамларингизни қутқариш учун чиқдингиз, бироқ уларга Аллоҳнинг ўзи нажот берди. Энди сизлар ортингизга қайтаверинглар», дейилганди.

 

Карвон қутулиб кетди

 

Бу воқеа шундай бўлганди: Абу Суфён асосий йўлда юриб борар, бироқ огоҳлик ва ҳушёрликни қўлдан бермай, разведка ҳаракатларини кучайтирган ҳолда борарди. Бадрга яқинлашгач, карвондан илгарилаб кетди ва Маждий ибн Амрга дуч келди. Ундан Мадина лашкари ҳақида сўраган эди: «Бирон шубҳали одамга кўзим тушмади, фақат икки киши туяларини анови тепаликка чўктириб, мешларига сув тўлдириб кетишганини кўрдим», деган жавоб эшитди. Абу Суфён шошганича ўша айтилган жойга борди, туянинг тезакларини титиб кўриб, ичидан чиққан хурмо данакларига тикилиб: «Қасамки, бу Ясрибнинг еми», деди. Сўнг тезлик билан карвон ёнига қайтиб, унинг бошини Бадрнинг чап тарафидан ўтувчи асосий йўлдан ғарбга, денгиз соҳили тарафга қараб бурди. Шу сабабли карвон Мадина лашкари қўлига тушишдан қутулиб қолди.

 

Макка лашкарининг ортга қайтмоқчи бўлиши ва лашкар ичида бўлиниш содир бўлиши

 

Ҳалиги мактубни олгач, Макка лашкари ортга қайтишга қасд қилди. Бироқ Қурайшнинг энг катта зўравони Абу Жаҳл такаббурлик ва калондимоғлик билан: «Йўқ, ҳеч қачон ортга қайтмаймиз, Бадрга етиб бориб, у ерда уч кун турамиз, туялар сўйиб, зиёфатлар уюштирамиз, ўйин-кулги қиламиз. Араблар бизнинг бу жамоамиз ва юришимиз ҳақида эшитиб, умрбод биздан ҳайбатланиб юришсин», деди.

Абу Жаҳлга қарши ўлароқ Ахнас ибн Шурайқ ортга қайтишни маслаҳат берди. Сўзи инобатга олинмагач, унинг ўзи лашкар ичидан ўз қўл остидаги уч юз кишилик Бану Зуҳра қабиласини ажратиб олиб, ортга қайтиб кетди. Шундай қилиб, Бадр жангида биронта ҳам Бану Зуҳралик иштирок этмади. Кейинчалик Бану Зуҳра бу иши учун Ахнас ибн Шурайқдан кўп миннатдор бўлди ва у улар ичида катта шарафга эга бўлди.

Бану Ҳошим ҳам қайтиш истагини билдирганди, Абу Жаҳл уларга қаттиқ тегди ва: «То Маккага қайтгунимизча биздан ажралмайсизлар», деди.

Шундай қилиб, Бану Зуҳра қайтиб кетганидан кейин Макка лашкари минг кишидан иборат жангчиси билан Бадрга қараб юришда давом этди ва Бадр яқинидаги Бадр водийси ҳудудида, ал-Удватул-Қусвода жойлашган бир тепалик ортига келиб тўхтади.

 

Ислом лашкарининг танглик ҳолатида тутган йўли (позицияси)

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳали йўлда, Зафирон водийсида эканларида карвоннинг қутулиб кетгани ва Макка лашкарининг келаётгани хабари етиб келди. Хабарларни синчиклаб ўргангач, қонли тўқнашувни четлаб ўтиш иложи йўқлигига ишонч ҳосил қилдилар, журъат ва шижоат, жасорат ва матонат билан жангга кириш шарт, деган хулосага келдилар. Чунки, Макка лашкарини бу минтақада намойишкорона кезиб юришига йўл қўйиб бериш, шубҳасиз, Қурайшнинг ҳарбий обрў-эътибори ортишига, сиёсий нуфузи юксалишига, шу билан бир қаторда мусулмонларнинг ҳайбатлари йўқолишига ва нуфузлари заифлашишига олиб келар ва ҳатто исломий ҳаракат бу воқеадан кейин жонсиз жасадга ўхшаб қолиши, минтақада Исломга нафрат ва адовати бўлган ҳар ким унга ёмонлик қилишга журъат қилаверадиган бўлиб қолиши ҳам мумкин эди.

Қолаверса, Макка лашкарининг урушни узил-кесил тамомига етказиб қўйиш ва мусулмонларни ўз уйларида янчиб ташлаш мақсадида Мадина сари йўлни давом эттиришдан тўхталишига ҳам ҳеч қандай кафолат йўқ эди. Шундай аҳволда агар Мадина лашкари ортга чекинса, бу мусулмонларнинг ҳайбати ва обрў-эътиборига катта путур етказиши мумкин эди.

 

Маслаҳатлашув мажлиси

 

Воқеаларнинг бу тарзда кескин ривожланишини кўриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олий ҳарбий кенгаш ўтказиб, унда юзага келган аҳволни муҳокама қилдилар ва умуман лашкарнинг ва хусусан қўмондонларнинг фикрларини ўргандилар. Айрим кишиларнинг қалблари қўрқувдан қалтираб қолган, қонли урушга юраклари дов бермаётганди. Улар ҳақида Аллоҳ таоло айтади: «Бу худди мўминлардан бир гуруҳи (урушни) аниқ ёмон кўриб турган ҳолларида, Парвардигорингиз ҳақ ҳукм билан сизни уйингиздан (жанггоҳга) чиқарган ҳолатга ўхшайди. (Ўшанда) улар гуё кўриб тур­ган ҳолларида ўлимга ҳайдаб кетилаётгандек, Сиз билан аниқ-равшан бўлган ҳақиқат (яъни, урушга чиқиш) тўғрисида баҳслашган эдилар» (Анфол: 5,6). Лашкар ичидаги нуфузли кишиларга келсак, энг аввал Абу Бакр розияллоҳу анҳу туриб, яхши галарни гапирди. Кейин Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу туриб, у ҳам яхши гапларни гапирди. Сўнгра Миқдод ибн Амр розияллоҳу анҳу туриб: «Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ нимага йўлласа, шуни қилинг, биз сиз билан биргамиз. Аллоҳга қасамки, биз сизга Бану Исроил Мусога айтганидек: «боргин, сен ўзинг ва Парвардигоринг улар билан уришаверинглар. Биз эса мана шу ерда ўтириб кутамиз» (Моида: 24) демаймиз, балки: «Боринг, сиз ва Парвардигорингиз улар билан урушинглар, биз ҳам сизлар билан бирга урушамиз» деймиз. Сизни ҳақ билан юборган Зотга қасамки, агар сиз бизни Баркил-ғимодга етаклаб борсангиз-да, биз сизнинг ортингиздан қолмаймиз», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг бу сўзларидан мамнун бўлиб, ҳаққига дуо қилдилар.

Бироқ, уларнинг ҳар уччаласи муҳожирлардан, муҳожирлар эса лашкарда озчиликни ташкил қиларди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ансор бошлиқларининг фикрларини билишни истадилар. Чунки, улар лашкарнинг асосини ташкил этар, жангнинг оғирликлари асосан улар зиммасига тушарди. Қолаверса, Ақабада тузилган битим бандлари уларга ўз диёрларидан ташқарида жанг қилиш мажбуриятини юкламас эди. Шу боис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мазкур уч кишининг сўзларидан сўнг, ансорларни назарда тутиб, яна: «Менга ўз фикрингизни билдиринг, эй одамлар!», деб хитоб қилдилар. Ансорларнинг бошлиғи ва байроқдори Саъд ибн Муоз буни сезди ва: «Ё Расулуллоҳ, англашимча, сиз бизни назарда тутаётганга ўхшайсиз?», деди.

«Ҳа», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам.

Шунда у деди: «Биз сизга иймон келтирганмиз, сизни тасдиқлаганмиз, сиз келтирган диннинг ҳақлигига гувоҳлик берганмиз, сизга қулоқ тутиш ва итоат қилишга аҳд берганмиз. Шундай экан, ё Расулуллоҳ, истаган ишингизни қилинг. Сизни ҳақ билан юборган Зотга қасамки, бизни мана бу денгиз ёнига олиб бориб, унга ўзингизни ташласангиз, биздан бирон киши қолмай, ҳаммамиз сизнинг ортингиздан ўзимизни унга ташлаймиз. Истасангиз бизни эртагаёқ душманга рўпара қилинг, биздан бирон норозилик кўрмайсиз. Биз урушда матонатли, тўқнашувда содиқ-хиёнатсиз кишилармиз. Шояд, Аллоҳ биз томонимиздан сизни хурсанд қиладиган ишларни кўрсатса. Аллоҳнинг баракоти билан бизни олға бошлайверинг».

Бир ривоятда айтилишича, Саъд ибн Муоз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга деди: «Балки, сизни ансорлар ўз диёрларидан ташқарида сизга ёрдам бермасликка ўзларини ҳақли деб кўришлари ташвишга солаётгандир? Агар шундай бўлса, мен бутун ансорлар номидан жавоб бериб айтаманки, истаган тарафингизга юринг, истаган кишиларингиз билан алоқа тикланг, истаган кишиларингиздан алоқани узинг, молларимиздан истаганингизча олинг, истаганингизча бизга беринг, биздан олганингиз биз учун қолдирганингиздан яхшироқ, бизни нимага буюрсангиз, бизнинг ишимиз фақат сизга итоат қилишдир. Аллоҳга қасамки, сиз шу юришда бизни Ғимдоннинг Баркига олиб кетсангиз ҳам, биз сиздан қолмаймиз. Аллоҳга қасамки, агар сиз бизни мана шу денгизга рўпара қилиб, унга шўнғисангиз, биз ҳам сиз билан бирга шўнғиймиз».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Саъднинг сўзларидан хурсанд бўлдилар, бу сўзлар у зотнинг руҳларини кўтариб юборди. Шундан сўнг: «Йўлга тушинглар ва хурсанд бўлинглар! Аллоҳ таоло менга икки гуруҳдан бирини ваъда қилди. Аллоҳга қасамки, мен ҳозир (мушрик) қавмнинг ҳалокат ўринларини гўё кўз билан кўриб турибман», дедилар.

 

Ислом лашкари йўлда давом этади

 

Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Зафирондан қўзғалиб, «Асофир» (сариқтепалар) деб номланган тепаликларни босиб ўтиб, «ад-Даббаҳ» деган юртга етдилар, «Ҳаннон» деб аталувчи баланд қумтепани ўнг томонда қолдириб, Бадр яқинида тўхтадилар.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳолатни ўрганадилар

 

Ўша жойда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яқин дўстлари Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу билан бирга аҳволни ўрганиш мақсадида атрофни айланиб чиқдилар. Макка лашкари қароргоҳи атрофида айланиб юрганларида бир қарияга дуч келдилар ва ундан Қурайш ҳақида, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва асҳоблари ҳақида нима хабарлар эшитгани тўғрисида сўрадилар, унда шубҳа туғдирмаслик учун ҳар икки лашкар ҳақидаги хабарлардан сўраб кўрдилар. Лекин қария: «Сизлар кимдан эканингизни айтмагунингизча ҳеч нарса айтмайман», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аввал сиз айтинг, кейин биз айтамиз», дедилар. «Демак, хабар алмашамиз экан-да», деди қария. «Ҳа, шундай», дедилар.

Қария: «Менга етган хабарга кўра, Муҳаммад ва унинг асҳоблари фалон куни йўлга чиқишган. Агар шу хабар тўғри бўлса, улар ҳозир фалон жойга – Мадина лашкари келиб тушган жой номини айтди – етган бўлади, Қурайш эса фалон куни йўлга чиққан, шу хабар тўғри бўлса, улар ҳозир фалон жойга – Қурайш лашкари тушган жойни айтди – келган бўлади», деди.

Сўнгра: «Энди айтинглар, сизлар кимдансизлар ўзи?», деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Биз сувданмиз», дедилар, сўнг бурилиб кетдилар. Қария: «Қайси сувдан? Ироқ сувлариданми?» деганча қолаверди.

 

Макка лашкари ҳақида муҳим маълумотларнинг қўлга киритилиши

 

Шу куни кечга бориб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам душман ҳақида маълумот йиғиш учун яна одам юбордилар. Бу иш учун муҳожирларнинг раҳбарларидан уч кишини – Алий ибн Аби Толиб, Зубайр ибн Аввом ва Саъд ибн Аби Ваққосни танладилар ва уларга бир неча кишини ҳамроҳ қилиб бердилар. Улар Бадр сувига (қудуғига) бориб, иккита болани Макка лашкари учун сув олаётганини кўрдилар. Уларни ушлаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига олиб келдилар. Келганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқиётган эканлар. Бошқалар у икки болани сўроққа тутдилар. Улар: «Биз Қурайшнинг сув ташувчиларимиз, сувга юборилгандик», дейишганди, уларнинг сўзларига ишонмасдан калтакладилар. Чунки, уларнинг Абу Суфёнга қарашли болалар бўлиб чиқишини исташган, қавмнинг дилида ҳали ҳам карвонни қўлга киритиш истаги сўнмаганди. Калтак зарбига чидаёлмасдан: «Ҳа, Биз Абу Суфёнга қарашлимиз», дейишганди, тек қўйишди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозларидан фориғ бўлгач, уларга танбеҳ оҳангида: «Тўғри гапиришса урдинглар, ёлғон айтишганда тек қўйдинглар. Бу иккиси тўғри айтди, улар Қурайшга қарашли», дедилар.

Сўнг болалардан Қурайш ҳақида сўрадилар. «Улар ал-Удватул-Қусвода, кўриб турганингиз мана бу тепалик ортида», деб жавоб беришди. «Уларнинг сони қанча?», деб сўрадилар. «Кўп», деб жавоб беришди. «Қурол-аслаҳалари-чи?», деб сўрадилар. «Билмаймиз», дейишди. «Кунига нечтадан туя сўйишаяпти?», деб сўрадилар. «Бир кун тўққизта, бир кун ўнта», дейишди. «Уларнинг сони тўққиз юзтадан мингтагача экан», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, сўнг улардан: «Лашкарда Қурайш киборларидан кимлар бор?», деб сўрадилар. Улар Утба ибн Рабиъа, Шайба ибн Рабиъа, Абул-Бахтарий ибн Ҳишом, Ҳаким ибн Ҳизом, Навфал ибн Хувайлид, Ҳорис ибн Омир, Туайма ибн Адий, Назр ибн Ҳорис, Замъа ибн Асвад, Абу Жаҳл ибн Ҳишом, Умайя ибн Халаф ва бошқалар номини тилга олдилар.

Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларга юзланиб: «Макка оёқларингиз остига ўзининг жигарпораларини (яъни аслзодаларини) ташлабди», дедилар.

 

Ёмғир ёғиши

 

Аллоҳ азза ва жалла шу кеча шундай бир ёмғир ёғдирдики, у мушрикларга катта бало бўлиб, (турган ўринлари балчиққа айланиб) ўринларидан қимирлатмай қўйди, мусулмонлар учун эса раҳмат ёмғири бўлиб, улардан шайтоннинг васвасаларини ювиб кетди ва ерни улар учун юришга қулай қилиб қўйди, қумлар қотиб, оёқлар ботиб кетмайдиган бўлиб қолди.

 

Ислом лашкари муҳим (стратегик) нуқталарни эгаллайди

 

Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мушриклардан илгарироқ Бадр сувларига етиб бориб, уларни сувни эгаллаб олишдан тўсиб қўйиш учун лашкарни қўзғотдилар ва кечга бориб, Бадрнинг энг яқин қудуғи олдига бориб тушдилар. Шунда Ҳубоб ибн Мунзир ҳарбий мутахассис сифатида у зотга мурожаат қилиб: «Ё Расулуллоҳ, сиз шу жойга тушишни маъқул кўрдингизми? Бу ерга тушишни Аллоҳ сизга буюрган бўлиб, биз бу ердан бошқа жойга тушишга ҳақли эмасмизми ёки бу шахсий фикр, ҳарб режаси ва уруш стратегиясими?» деб сўради. «Йўқ, бу шахсий фикр, ҳарб режаси ва уруш стратегиси», деб жавоб бердилар. «Ё Расулуллоҳ, ундай бўлса, бу маъқул жой эмас. Фикримча, одамларни бу ердан қўзғотиб, Қурайшга энг яқин бўлган сув бўйига тушсак-да, орқадаги қудуқларни кўмиб ташласак, сўнг бир ҳовуз қилиб, унга сув тўлдириб олсак, кейин жангга кирсак, шунда биз сув ича оламиз, душман сувдан маҳрум бўлади», деди. «Тўғри маслаҳат бердингиз», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Сўнг лашкарни душманга энг яқин бўлган сув ёнига олиб кетдилар. У ерга ярим тунда етиб бордилар. Сўнгра ҳовузлар қилиб, сув тўлдириб олдилар ва бошқа қудуқларни кўмиб ташладилар.

 

Қўмондонлик қароргоҳи

 

Мусулмонлар сув бўйига тушиб, ўрнашиб олганларидан сўнг Саъд ибн Муоз фавқулода ҳолатларни кўзда тутиб ва нафақат ғалабани, балки мағлубиятни ҳам ҳисобга олиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун бошқарув қароргоҳи қилиш таклифи билан чиқди, «Ё Расулуллоҳ, сизга бир чодир қуриб берсак ва от-уловингизни тахт қилиб, кейин жангга кирсак. Агар Аллоҳ бизни душманимиздан ғолиб қилса, айни муддао. Бироқ, иш бошқачасига айланиб кетса, сиз уловингизга миниб, ортда қолган қавмимизга бориб қўшилардингиз. Ё Расулуллоҳ, ортимизда шундай кишилар қолганки, улар сизни биздан кўра ҳам кўпроқ яхши кўришади. Агар улар уруш учун чиқаётганингизни билишса, асло қолиб кетмаган бўлишарди. Аллоҳ улар билан сизни ҳимоя қилади, улар сизга садоқат кўрсатишади ва сиз билан жиҳод қилишади», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг сўзларидан мамнун бўлиб, ҳаққига дуо қилдилар. Мусулмонлар жанггоҳнинг шимолий шарқий томонидаги, жанг майдони аниқ кўриниб турадиган бир тепаликка чодир тикдилар. Шу билан бирга, Саъд ибн Муоз бошчилигидаги ансор йигитларидан бир гуруҳи у зотни қароргоҳлари атрофида қўриқлаб турадиган бўлди.

 

Қўшинни жангга ҳозирлашлари ва тунни ўтказишлари

 

Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам лашкар тайёргарлигини кўздан кечирдилар[2]. Бўлажак жанг майдонида юриб, қўллари билан ишора қилиб: «Иншоаллоҳ, мана бу ер фалончининг эртага ҳалок бўладиган ўрни, мана бу ер эса фалончининг ҳалок бўладиган ўрни», дердилар[3]. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тунни ўша ердаги бир дарахт танасига юзланиб намоз ўқиб ўтказдилар. Мусулмонлар хотиржам, эртанги кунга ишонч билан, қалблари иймонга тўлиқ ҳолда тунни ўтказдилар, эрта тонг Парвардигорлари берган хушхабарга шоҳид бўлиш умидида ётиб, уйқуга чўмдилар: «Ўшанда хотиржам бўлишингиз учун сизларни Ўз тарафидан уйқуга чўмдирган ва поклаб, сизлардан шайтон васвасасини кетказиш учун, дилларингизни бир ва қадамларингизни маҳкам қилиш учун устингизга самодан сув ёмғир ёғдирган эди» (Анфол: 11).

Ушбу кеча ҳижратнинг иккинчи йили рамазон ойининг ўн еттинчиси, жума кечаси эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Мадинадан чиқишлари шу ойнинг саккизинчи ёки ўн иккинчисида бўлганди.

 

Макка қўшинининг жанг майдонидаги аҳволи, улар ичида келишмовчилик чиққанлиги

 

Қурайш тунни ал-Удватул-Қусводаги қўналғасида ўтказди. Тонг отгач, улар ҳам тепаликдан Бадр водийсига тушиб келишди. Бир нечталари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳовузларига қараб юришди. У зот: «Майли, қўяверинглар», дедилар. Ўша куни улардан ким сув ичган бўлса, ҳаммаси ўлдирилди. Ҳаким ибн Ҳизомгина ўлимдан қутулиб қолди, у кейинчалик Исломни қабул қилиб, мусулмончилиги гўзал бўлди ва қачон қасам ичса: «Бадр куни мени (ҳалокатдан) қутқарган Зотга қасамки», деб қасам ичарди.

Қурайш ўрнашиб олгач, Умайр ибн Ваҳб ал-Жумаҳийни Мадина лашкарининг кучлари ҳақида маълумот йиғиб келишга юборди. Умайр отига миниб лашкаргоҳни айланиб чиқди, қайтиб келиб: «Улар уч юз киши, бироз камроқ ё ошиқроқ бўлишлари ҳам мумкин. Озгина сабр қилсангиз, мен уларнинг пистирмада одамлари ёки қўшимча кучлари бор-йўқлигини билиб келаман», деди. Водийнинг ичкарироқларига бориб келгач: «Ҳеч нарса топмадим. Лекин, эй қурайшликлар, мен кўрдимки, Ясриб туялари ўзлари билан ажал олиб келмоқда. Қавмнинг қиличларидан бошқа суянадиган ва ҳимояланадиган нарсаси йўқ. Аллоҳга қасамки, афтидан улардан ҳар бири ҳеч бўлмаганда сизлардан бир кишини ўлдирмагунча ўлмайди. Агар улар сизларнинг сафларингизга талафот еткизгудек бўлишса, шундан кейин сизлар учун яшашдан ҳаловат қоладими?! Яна ўзингиз ўйлаб кўринг», деди.

Шундан кейин урушишни қаттиқ туриб талаб қилаётган Абу Жаҳлга қарши иккинчи бор, урушсиз Маккага қайтишга чақирувчи муораза (мухолафат) юзага келди. Ҳаким ибн Ҳизом одамлар ичида айланиб, Утба ибн Рабиъа ёнига борди ва унга: «Эй Абул Валид, сиз Қурайшнинг пешвоси ва саййидисиз, сизга кўпчилик итоат қилади. Умрбод яхшилик билан тилга олинишни истайсизми?», деди. У: «Нима қилинг дейсиз, эй Ҳаким?», деди. «Одамларни қайтариб кетинг, Нахла сарийясида ўлдирилган иттифоқчингиз Амр ибн ал-Ҳазрамийнинг ишини ўз бўйнингизга олинг», деди. Утба: «Майли, шундай қилганим бўлсин, у менинг иттифоқчим эди, хун пули ҳам, молига етган зарар ҳам менинг бўйнимга», деди.

Сўнг Утба Ҳаким ибн Ҳизомга: «Сиз Ибн Ҳанзалия (яъни, Абу Жаҳл, Ҳанзалия унинг онасининг исми) олдига боринг, ундан бошқа биронтаси бу тўғрида жанжал чиқаради деб ўйламайман», деди.

Сўнг Утба ибн Рабиъа хитоб қилиб деди: «Эй Қурайш жамоаси, қасам ичиб айтаманки, сизлар Муҳаммад ва унинг асҳоблари билан олишиб ҳеч нарсага эришмайсиз. Қасамки, агар уларга талафот етказган тақдирингизда ҳам ўрталарингизда нафрат ошиб, кимдир амакиваччасининг, кимдир холаваччасининг, яна кимдир қайсидир қариндошининг қотилига айланиб, қариндошлар бир-бирини умрбод ёмон кўриб юришига шубҳа йўқ. Орқангизга қайтинг, Муҳаммадни бошқа арабларга қўйиб беринг. Агар уни мағлуб этишса, бу сизлар учун айни муддао бўлади. Борди-ю иш аксинчасига айланса, у сизларни ўзига бирон зиён етказмаган деб топади».

Ҳаким ибн Ҳизом Абу Жаҳлнинг ёнига борди – у совутини кийишга тайёрлаётган эди – ва унга: «Эй Абул Ҳакам, Утба мени шундай-шундай гап билан юборди», деди. Шунда Абу Жаҳл: «У Муҳаммад билан унинг асҳобларини кўриб, ўпкаси шишиб кетибди. Йўқ, қасамки, то Аллоҳнинг ўзи Муҳаммад билан бизнинг ўртамизда ажрим қилмагунича энди ҳаргиз ортга қайтиш йўқ! Утбани бу гапни айтишга ундаган нарсани биламан. У Муҳаммад ва унинг асҳобларини биз учун лаққа гўшт эканини кўриб, улар ичида ўғли Абу Ҳузайфа ҳам борлиги учун унинг жонига хавф қилиб бу гапни айтган», деди.

Абу Жаҳлнинг: «Унинг ўпкаси шишиб кетибди» деган гапи Утбанинг қулоғига етгач: «Кетида ҳуштак чаладиган у ярамасга менинг ўпкам шишганми, ўзиникими, ҳали билиб олади», деди. Абу Жаҳл ўртада қарама-қаршилик кучайиб кетишидан чўчиб, тезлик билан бунинг тадоригини кўриб қўйиш учун Омир ибн Ҳазрамийни – Абдуллоҳ ибн Жаҳшнинг сарийясида ўлдирилган Амр ибн Хазрамийнинг инисини – чақиртирди ва унга: «Мана бу иттифоқчинг (яъни Утба) одамларни ортга қайтириб юбормоқчи бўлаяпти. Мен сенинг кўзларингда қасос алангасини кўриб турибман. Тур, аҳдингни ва акангнинг ўлдирилганини ўртага ташла», деди. Шундан сўнг Омир ўрнидан туриб, орқасини (кетини) яланғочлаб: «Вой акам, вой акам» деб фарёд кўтарди. Шунда қавмнинг ҳамияти қўзғолиб, уруш истаги алангаланди, дилларига туккан шумликлари шиддатли тус олиб, Утбанинг чақириқлари бир четда қолиб кетди. Шундай қилиб, енгилтаклик ақлу ҳикматдан устун келди ва қаршилик бефойда кетди.

 

Қўшинларнинг юзма-юз келиши

 

Мушриклар жанггоҳга кириб келиб, қўшинлар ораси яқинлашгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Парвардигор! Мана, Қурайш ўзининг бор кибру ҳавоси ва калондимоғлиги билан, пайғамбарингни ёлғончи қилиш ва Сенга қарши урушиш учун келиб турибди. Эй Парвардигор! Сендан мен учун ваъда қилган нусратингни сўрайман. Эй Парвардигор! Уларни шу бугун ҳалок қилгайсан» деб дуо қилдилар.

Утба ибн Рабиъанинг қавм ичида қизил туясига миниб юрганига кўзлари тушиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар қавм ичида бирон кишида зиғирча яхшилик бўлса, шу қизил туя соҳибида бўлади. Унинг сўзига киришса хато қилишмайди», дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонларнинг сафларини текислашга киришдилар. Сафларни текисларканлар, ажиб бир воқеа юз берди. Қўлларида камон ўқи бўлиб, шу билан сафни текислаётган эдилар. Савод ибн Ғазийянинг гавдаси сафдан чиқиб турган экан, унинг қорнига камон ўқи билан туртиб: «Текислан, эй Савод», дедилар. Шунда Савод: «Ё Расулуллоҳ, мени оғритдингиз, қасос истайман», деди. У зот қоринларини очиб: «Майли, қасосингни ол», дегандилар, Савод у зотни қучоқлаб, қоринларини ўпди. «Нега бундай қилдинг, эй Савод?», дедилар. Савод деди: «Ё Расулуллоҳ, кўриб турганингиздек, жанг олдида турибмиз. Шу боис сиз билан бўлган охирги ҳолатим баданингизга баданим тегиши бўлишини истадим», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга яхшилик тилаб дуо қилдилар.

Сафларни текислаб чиққач, лашкарга то у зот томонидан якуний буйруқ бўлмагунча жанг бошламасликни буюрдилар, сўнгра жангга хос бўлган баъзи кўрсатмалар бердилар, «Душман яқинлашиб келганда отинглар, найзаларни олдинга чиқаринглар, то ўраб келишмагунича қиличларни ишга солманглар», дедилар. Сўнг Абу Бакр розияллоҳу анҳу билан бирга чодирга қайтдилар, Саъд ибн Муоз қўриқчилар гуруҳи билан чодир эшиги олдида турди.

Мушриклар ичида Абу Жаҳл ҳам шу куни: «Илоҳим, (бу одам) қариндошлар ўртасини узди, биз билмаган нарсаларни келтирди, бугун уни ҳалок қилгин. Илоҳим, қай биримиз сенга суюмлироқ ва мақбулроқ бўлсак, бугун унга нусрат-ёрдам бергин», деб дуо қилди. Аллоҳ таоло бу ҳақда айтади: «(Эй аҳли Макка), агар ғалабани истаган бўлсангизлар, мана сизларнинг (зиёнингизга) ғалаба келди. Агар (пайғамбарга қарши урушишдан) тўхтасангизлар, бу ўзингиз учун яхшидир. Агар (яна урушга) қайтсангизлар, Биз ҳам қайтамиз ва гуруҳингиз қанча кўп бўлмасин, сизларни ҳеч нарсадан беҳожат қила олмайди. Албатта, Аллоҳ мўминлар билан биргадир» (Анфол: 19).

 

Жангнинг бошланиши

 

Урушни биринчи бўлиб Асвад ибн Абдуласад ал-Махзумий бошлаб берди, у ахлоқсиз ва ваҳший одам эди, чиқиб келиб: «Аллоҳга аҳд бераманки, уларнинг ҳовузидан ичаман ё уни бузиб ташлайман ё эса ўша ерда ўламан», деди. Унинг қаршисига Ҳамза ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳу чиқиб борди ва ҳовуз ёнида унга тўқнаш келиб, қиличи билан уриб, оёғини болдирининг ярмидан узиб ташлади. У оёғидан қон отилган ҳолда орқачасига йиқилди. Бироқ, шунда ҳам қасамининг устидан чиқиш мақсадида ҳовуз томон эмаклай бошлади. Ҳовузга етиб борган жойида Ҳамзанинг иккинчи бор урган қиличи уни асфаласофилинга жўнатди.

 

Мубораза – яккама-якка олишув

 

Бу – уруш оловини ёқиб юборган биринчи қатл бўлди. Шундан сўнг Қурайш отлиқларидан, бир оиладан уч киши – Утба ибн Рабиъа, Шайба ибн Рабиъа ва Валид ибн Утба ўртага чиқиб келиб, мубораза (яъни рақиб томонидан яккама-якка олишувга талабгор) талаб қилишди. Уларга ансор ёшларидан уч киши – Авф ибн Ҳорис, Муаввиз ибн Ҳорис – бу иккисининг онаси Афро - ва Абдуллоҳ ибн Равоҳа талабгор бўлиб чиқишди. Мушриклар сўрадилар:

- «Сизлар кимсизлар?», деб сўрашди.

- «Биз ансорлар жамоасиданмиз», деб жавоб беришди мусулмонлар.

- «Сизлар ҳурматга сазовор рақибсизлар, бироқ бизга сизлар керакмассизлар, биз ўз қариндошларимиздан рақиб истаймиз», дейишди. Уларнинг жарчиси:

- «Эй Муҳаммад, бизга ўз қавмдошларимиздан бўлган рақибларни чиқар», деб жар солди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Убайда ибн Ҳорис, сиз туринг! Эй Ҳамза, сиз туринг! Эй Алий, сиз туринг!» дедилар. Улар ўртага тушиб, рақиблари томон яқинлашганларида улар: «Сизлар кимсизлар?» деб сўрашди. Ўзларини танитишгач: «Ҳа, жуда мос рақиб бўлибсизлар», дейишди. Булар ичида ёши каттароғи бўлган Убайда Утба ибн Рабиъа билан олишадиган бўлди, Ҳамза Шайба билан, Алий эса Валид билан олишувга чиқди[4]. Ҳамза билан Алий ўз рақибларини бир зумда қатл қилишди. Убайда билан рақиби бир-бирига биттадан зарба бериб, иккиси ҳам олган жароҳатидан ҳаракатлана олмай қолишди. Шу пайт Алий билан Ҳамза иккалови Утбага ҳужум қилиб, уни ҳам ўлдиришди ва бир оёғи кесилган Убайдани кўтариб майдондан олиб чиқишди. Убайда шу жароҳати туфайли Бадр воқеасидан тўрт ё беш кун кейин, мусулмонлар Мадинага қайтаётганларида Сафро деган жойда вафот этди. Алий розияллоҳу анҳу мана бу оятлар улар ҳақида нозил бўлганини қасамёд билан таъкидлардилар: «Мана шу икки ғаним (яъни мўминлар билан кофирлар) Парвардигорлари(нинг ҳақ дини) хусусида талашдилар» (Ҳаж: 19).

 

Оммавий ҳужум

 

Мазкур мубораза якуни мушрикларга нисбатан ёмон бошланиш бўлди. Чунки, улар энг яхши чавандоз ва бошлиқларидан уч кишини бирданига йўқотдилар. Шу боис улар ғазаблари қайнаганча мусулмонлар устига ҳаммаси бир бўлиб ёпирилдилар.

Мусулмонлар ихлос билан, Парвардигорларидан ялиниб-ёлбориб мадад ва нусрат сўраб, мушрикларнинг кетма-кет ҳужумларини қайтариб туришди. Улар «Аҳад, Аҳад» деганларича ўз ўринларида сабот билан мудофаада туришиб, мушрикларга сезиларли талафот етказишди.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Роббиларига ялиниб-ёлборадилар

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам лашкарнинг сафларини текислаб қайтганларидан бери тинимсиз Роббиларига илтижо қилаётган, Ундан: «Эй Парвардигор, менга ваъда қилган нусратингни бергин, Парвардигор, Сендан аҳдинг ва ваъдангни сўрайман» деб Ўзи ваъда қилган ғалабани сўраётган эдилар. Жанг қизиб, уруш шиддат билан бораётган, тўқнашув кучайиб, маърака ўзининг чўққисига чиққан пайтда у зот Аллоҳга илтижо қилиб: «Эй Парвардигорим, агар бугун бу жамоа ҳалок бўлса Сенга ибодат қилинмай қўйилади. Парвардигорим, агар истасанг, бугундан бошлаб ҳеч қачон Сенга ибодат қилинмай қўйилади», дедилар, қаттиқ ёлбориб қўлларини осмонга чўзганларидан ридолари елкаларидан тушиб кетди. Абу Бакр Сиддиқ уни елкаларига қайтариб ўраб: «Ё Расулуллоҳ, етар, Роббингиздан жуда қаттиқ туриб сўрадингиз», дедилар.

«Парвардигорингиз фаришталарга: «Албатта, Мен сизлар билан биргаман, сизлар иймон келтирган зотларнинг (ғалаба қозонишларига бўлган ишончларини) маҳкамланглар! Мен кофир бўлган кимсаларнииг дилларига қўрқув соламан...», деб ваҳий қилди» (Анфол: 12).

Пайғамбарига эса: «Мен сизларга кетма-кет келадиган минглаб фаришталар билан мадад берурман», деди (Анфол: 9).

 

Фаришталарнинг тушиши

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир зум мудрагандек ҳолатга тушдилар, сўнг бошларини кўтариб: «Хушхабар, эй Абу Бакр, ана Жибрил кўринди, елкаларига чанг қўнган», дедилар. Ибн Исҳоқ ривоятида: «Хушхабар, эй Абу Бакр, сизга Аллоҳнинг нусрати келди. Мана, Жибрил отининг тизгинидан тутиб турибди, унинг елкаларига чанг қўнган», дедилар.

Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам совут кийган ҳолларида, «Яқинда бу жамоат енгилиб, ортларига қараб қочиб қолурлар!» (Қамар: 45) оятини ўқиганларича чодир эшигидан шитоб билан чиқиб келдилар, бир ҳовуч майда тош-тупроқ олиб, Қурайш томонга юзланиб: «Бу юзлар расво бўлсин» деб уларга қараб отиб юбордилар. Биронта ҳам мушрик қолмай, юз-кўзига, оғизларига ўша тош-тупроқлар бориб тегди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло оят нозил қилдики: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, уларнинг юзига қўлингиздаги бир сиқим тошчаларни) отган пайтингизда, сиз отмадингиз, балки Аллоҳ отди» (Анфол: 17).

 

Қарши ҳужум

 

Шундан сўнг лашкарга қарши ҳужумга ўтиш ҳақида якуний буйруқ бердилар, «Маҳкам бўлинглар» деб уларни жангга ундадилар, «Муҳаммаднинг жони Қўлида бўлган Зотга қасамки, ким бугун улар билан жанг қилиб, сабр-матонат билан, ажр истаб, олға интилиб, ортига чекинмаган ҳолда ўлдирилса, Аллоҳ албатта уни жаннатга киритади» дедилар. Уларни жангга тарғиб қилиб: «Кенглиги осмонлару ерча бўлган жаннат сари қўзғолинглар!» дедилар. Шунда Умайр ибн Ҳумом: «Бай-бай», деб юборди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан: «Нега «бай-бай» дедингиз?» деб сўраган эдилар, у: «Ё Расулуллоҳ, Аллоҳга қасамки, фақат унинг аҳлидан бўлиш орзу-иштиёқи мени шундай дейишга ундади», деди. «Сиз унинг аҳлидансиз», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Шунда у халтасидан бир неча дона хурмо чиқариб, ея бошлади, сўнг: «Агар шу хурмоларни еб тугатгунимча яшасам, бу жуда ҳам узоқ чўзилган ҳаёт бўлади», деди-да, уларни отиб юбориб, жангга шўнғиб кетди ва шу жангда шаҳид бўлди.

Авф ибн Ҳорис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Ё Расулуллоҳ, Парвардигорни бандасининг қайси амали кулдиради?» деб сўраган эди, у зот: «Енгини шимариб душманга отилиши», дедилар. Шунда у устидаги совутини ечиб, улоқтирди, сўнг қиличини олиб жангга кириб кетди ва то шаҳид бўлгунича жанг қилди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қарши ҳужумга ўтиш буйруғини берган пайтга келиб душманнинг ҳужуми анча пасайиб, ғайрат-шижоати ҳам сезиларли даражада сусайиб қолганди. Ушбу доно режанинг мусулмонлар мавқифи (позициялари) кучайишига катта таъсири бўлди. Чунки, улар ҳужумга ўтиш буйруғини олганларида жанговор ғайрат-шижоатлари ҳали барқ уриб турган ҳолда эдилар. Шу боис уларнинг ҳужумлари шиддатли ва давомли тус олди, душман сафларини тирқиратиб, бошларни таналардан жудо қила бошладилар. Қолаверса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шахсан ўзлари майдонга тушиб келганларини кўриш уларнинг ғайратларига ғайрат қўшиб юборди. У зот олдинги сафда, мушрикларга энг яқин жойда турар, қатъий ишонч билан баралла: «Яқинда бу жамоат енгилиб, ортларига қараб қочиб қолурлар!» (Қамар: 45) оятини ўқирдилар[5]. Мусулмонлар қаттиқ жанг қилдилар, уларга фаришталар ҳам ёрдам бердилар.

Ибн Саъд Икримадан ривоят қилади: «Ўша куни кимнингдир боши узилиб тушар, унга ким қилич солганини ҳеч ким билмасди, яна кимнингдир қўли узилиб тушар, уни ким чопганини билмай қолишарди».

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: «Мусулмонлардан бир киши бир мушрикнинг ортидан қаттиқ қувиб бораркан, бирдан ҳавода қамчининг шувиллаган овозини ва чавандознинг: «Олға, Хайзум!» деган товушини эшитди. Шунда олдида кетаётган мушрик бирдан гурсиллаб чалқанчасига йиқилди. Қараса, худди қамчи зарбаси тушгандек, бурни йиртилиб, юзи ёрилиб кетган ва бутун жасади кўкариб кетган экан. Ансорий келиб, бу воқеани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтган эди, у зот: «Рост айтасан, бу учинчи осмондан келган мадад эди», дедилар»[6].

Абу Довуд ал-Мозиний розияллоҳу анҳу айтади: «Мен қилич кўтариб мушриклардан бири ортидан қувиб бораётган эдим, тўсатдан ҳали қиличим етиб бормасидан унинг калласи учиб тушди. Билдимки, уни бошқа биров ўлдирди. Ансорлардан бири Аббос ибн Абдулмутталибни асирга тушириб олиб келди. Шунда Аббос: «Аллоҳга қасамки, мени бу одам асир олмади, мени асирга туширган одам ялтирбош, гўзал юзли, чавкар от минган киши эди, уни бу ерда кўрмаяпман», деди. Ансорий: «Уни мен асир олдим, ё Расулуллоҳ» деган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жим бўл, Аллоҳ сени улуғ фаришта билан мададлади», дедилар».

Алий розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бадр куни менга ва Абу Бакрга хитоб қилиб: «Бирингизга Жибрил, бирингизга Микоил ҳамроҳ бўлиб турибди, Исрофил эса жанггоҳ ичида юрибди», дедилар»[7].

 

Иблис жанг майдонидан четланади

 

Иблис юз бераётган воқеаларни кўргач – юқорида айтганимиздек, у Суроқа ибн Молик ибн Жуъшум суратида келган ва ҳали ҳануз мушриклардан ажралмай келаётган эди – фаришталар мушрикларни нима аҳволга солаётганларини кўргач, жанг майдонини ташлаб, қочишга тутинди. Ҳорис ибн Ҳишом уни Суроқа деб ўйлаб, ушлаб қолмоқчи бўлган эди, унинг кўкрагига мушт тушириб, ерга йиқитди, сўнг жанггоҳни ташлаб чиқиб кетди. Мушрикларнинг: «Ҳой Суроқа, қаёққа? Мен сизларга ҳимоячиман, сизлардан асло ажралмайман, деб айтмаганмидинг, ахир?!» деган хитобларига жавобан: «Мен (мусулмонлар орасида) сизлар кўрмаётган нарсани (яъни, фаришталар борлигини) кўрмоқдаман. Мен Аллоҳдан қўрқаман. Аллоҳнинг азоби қаттиқдир», деди» (Анфол: 48), сўнгра шу қочганича бориб, ўзини денгизга отди.

 

Мушрикларнинг бутунлай тор-мор этилишлари

 

Мушриклар ичида бесаранжомлик ва муваффақиятсизлик белгилари кўриниб, мусулмонларнинг шиддатли ҳужумлари оқибатида уларнинг сафлари тирқираб кетди. Жанг ниҳоясига яқинлашиб, мушриклар қочишга ва тартибсиз равишда чекинишга тушдилар. Мусулмонлар эса уларни тўла-тўкис мағлуб бўлмагунларича асир олишда ва ўлдиришда давом этишди.

 

Абу Жаҳлнинг бефойда уринишлари

 

Туғёнкорлар боши Абу Жаҳл лашкар сафида илк беқарорлик белгилари кўзга ташланган пайт бу сел йўлини тўсишга урина бошлади. Аскарларнинг руҳини кўтаришга ҳаракат қилиб, калондимоғлик билан: «Суроқанинг ташлаб кетиши сизларни умидсизликка туширмасин, у Муҳаммад билан келишиб олган. Утба, Шайба ва Валиднинг ўлими сизларни қўрқитмасин, улар ўзлари шошқалоқлик қилишди. Лот ва Уззога қасамки, биз уларни (мусулмонларни) арқонларга боғлаб, ҳайдаган ҳолдагина ортга қайтамиз. Сизлардан бирон киши улардан ҳеч кимни ўлдирмасин, ҳаммасини қўлга тушириб, қилмишларига минг бор пушаймон қилдирамиз, тавбаларига таянтирамиз», деб сурбетларча шовқин соларди.

Бироқ, ҳеч қанча ўтмай, унинг кеккайишлари ўринсиз экани билиниб қолди, мусулмонларнинг кетма-кет ҳужумлари оқибатида лашкари тутдек тўкилиб, қолган-қутгани ҳеч нарсага қарамай қоча бошлади. Тўғри, мушриклардан бир жамоаси унинг атрофида жипс туриб, қилич ва найзалари билан мустаҳкам девор ва иҳота ҳосил қилиб туришди. Бироқ, мусулмонларнинг ҳужумлари бўрони олдида бу иҳота дош беролмади, девор қулаб, оти устида савлат тўкиб ўтирган мустабид зўравон кўзга ташланди. Ўлим унинг қонини иккита ансорий боланинг қўллари билан симиришга тайёр бўлиб турарди.

 

Абу Жаҳлнинг ўлдирилиши

 

Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу айтади: «Бадр куни сафда эдим, ўнгу-сўл томонимга назар ташладим, қарасам икки томонимда иккита ёшгина ўспиринлар турибди. Мен уларнинг ўртасига тушиб қолганим учун хотиржамликни ҳис қилмадим. Шунда улардан бири иккинчисига билдирмай менга паст товушда: «Амаки, менга Абу Жаҳлни кўрсатинг», деди. Мен: «Эй жиян, уни нима қиласан?», деб сўрадим. «Айтишларича, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳақоратлаб сўкар эмиш. Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, агар уни кўрсам, то иккимиздан биримиз ўлмагунича уни қўймайман», деди. Мен унинг бу шижоатидан ажабландим. Шунда иккинчиси бошқа ёғимдан туртиб, айни шу гапни такрорлади. Одамлар ичида юрган Абу Жаҳлга кўзим тушиши билан у иккисига: «Кўраяпсизларми, сизлар сўраган киши шу бўлади», дедим. Шунда улар у томон интилишди ва қиличлари билан уриб, уни ўлдиришди. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларига боришди. У зот: «Уни қай бирингиз ўлдирдингиз?» деб сўрадилар. Иккаласи ҳам: «Мен ўлдирдим» деб жавоб беришди. «Қиличларингизни артдингизми?» деб сўрадилар. «Йўқ», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг қиличларига назар солиб: «Тўғри, уни ҳар иккалангиз ўлдирибсиз», дедилар. (Жангдан сўнг) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Жаҳлнинг нарсаларини Муоз ибн Амр ибн Жамуҳга ўлжа қилиб беришга ҳукм қилдилар. Ҳалиги икки ўспириннинг бири Муоз ибн Амр ибн Жамуҳ, иккинчиси Муаввиз ибн Афроъ эди»[8].

Ибн Исҳоқ айтади: Муоз ибн Амр ибн Жамуҳ деди: Мушриклар Абу Жаҳлни қўриқлаб найза ва қиличлари билан ўраб олишгани учун у бамисоли чирмашиб кетган дарахтлар ичидаги етиб бўлмас дарахтга ўхшаб қолган, шу боис қавми: «Абул Ҳакамнинг ёнига етиб бўлмайди», дейишарди. Буни эшитганимдан кейин мен унга етиб боришга қаттиқ қасд қилдим. Имкони бўлиши билан унга ҳамла қилдим ва қиличимнинг зарбаси унинг оёғини болдиридан узиб ташлади. Шунда унинг ўғли Икрима бўйнимга қилич солган эди, қўлим елкамдан узилиб, терисига осилиб қолди. Бироқ, жангга қаттиқ берилиб кетганимдан бунга эътибор бермадим, кун бўйи қўлимни осилтириб жанг қилиб юрдим. Охири бундай юраверишдан қийналиб кетиб, оёғим билан босиб, куч билан тортиб узиб ташладим. Кейин жароҳат ичидаги Абу Жаҳл ёнидан Муаввиз ибн Афроъ ўтиб қолиб, уни қиличи билан уриб, чалажон қилиб қўйди. Муаввизнинг ўзи шу куни жангда ҳалок бўлди.

Жанг ниҳоясига етгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қарангларчи, Абу Жаҳл нима бўлди экан», дедилар. Одамлар уни қидириб ҳар томонга кетишди. Абдуллоҳ ибн Масъуд уни жони узилай-узилай деб турган ҳолда топди, оёғини унинг бўйнига қўйиб туриб, калласини узмоқчи бўлиб соқолидан ушлади ва: «Аллоҳ сени расво қилибди-ку, эй Аллоҳнинг душмани!», деди. У: «Нега расво қиларкан?! Қавми тарафидан ўлдирилган киши бўлиш мен учун ор саналмайди, ўлдирган кишиларингиз ичида мендан кўра улуғроқ ҳеч ким йўқ», деди. Сўнг: «Бугун жанг кимнинг фойдасига якунланди ўзи?» деб сўради. «Аллоҳ ва Расули фойдасига» деб жавоб берди Ибн Масъуд. Сўнг Абу Жаҳл унинг бўйнига оёғини қўйиб олган Ибн Масъудга қараб: «Сен чиқиб бўлмас баландликка оёқ қўйдинг, эй қўйбоқар», деди. Бу билан у Ибн Масъуднинг Маккадалик пайтида қўйбоқарлик қилганига ишора қилди.

Ўртада шу гап-сўз бўлиб ўтганидан сўнг Ибн Масъуд унинг бошини танасидан жудо қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келтирди ва: «Ё Расулуллоҳ, мана бу Аллоҳнинг душмани Абу Жаҳлнинг калласи», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳу акбар, ваъдасининг устидан чиққан, бандасига нусрат берган, душманларни ёлғиз Ўзи мағлуб этган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Юринг, менга унинг жасадини кўрсатинг», дедилар. Унга кўзлари тушгач: «Бу шу умматнинг Фиръавни эди», дедилар.

 

Мазкур жангда кўринган иймоннинг гўзал намуналари

 

Юқорида Умайр ибн Ҳумом ва Авф ибн Ҳорис томонидан содир бўлган ажойиб иккита намунани айтиб ўтгандик. Ушбу жангда улардан ташқари ҳам ақиданинг қуввати ва иймондаги саботни кўрсатиб берадиган ажойиб ҳолатлар рўй берди. Бу маъракада ақида туфайли бир-бирига душманга айланган оталар фарзандлар билан, акалар укалар билан тўқнаш келди ва улар ўртасини қиличлар ажрим қилди, бу жангда мазлумлар ўзларига зулм ўтказганлар билан тўқнаш келиб, аламларига малҳам топдилар.

1) Ибн Исҳоқ Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларига: «Менга маълум бўлишича, Бану Ҳошим ва бошқа уруғлардан бир қанча кишилар зўрлик билан олиб чиқилганлар, аслида улар биз билан урушмоқчи эмасдилар. Шундай экан, кимда-ким Бану Ҳошимдан бирон кишига дуч келса, уни ўлдирмасин, кимда-ким Абул-Бахтарий ибн Ҳишомга дуч келса, уни ўлдирмасин, кимда-ким Аббос ибн Абдулмутталибга дуч келса, уни ўлдирмасин, чунки у мажбуран олиб чиқилган», дедилар. Шунда Абу Ҳузайфа ибн Утба: «Оталаримизни, фарзандларимизни, ака-укаларимиз ва қариндош-уруғларимизни ўлдирамиз-у, Аббосни ўлдирмас эканмизми?! Аллоҳга қасамки, агар унга дуч келсам, қиличим билан тилка-пора қилиб ташлайман», деди. Бу гап Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қулоқларига етгач, Умар ибн Хаттобга: «Эй Абу Ҳафс, Расулуллоҳнинг амакисининг юзига қилич билан уриладими?!», дедилар. Умар: «Ё Расулуллоҳ, менга изн беринг, унинг ўзини қилич билан чопиб ташлай, Аллоҳга қасамки, у мунофиқ бўлибди», деди.

Абу Ҳузайфа кейинчалик: «Ўша куни айтган гапим туфайли (дўзахи бўлиб қолишдан) кўнглим хотиржам бўлмайди, менинг бу хатойимни фақат шаҳидлик ювиб кетиши мумкин, деб ўйлайман», деб юрарди. У Ямома куни шаҳид бўлди.

2) Абул-Бахтарийни ўлдиришдан қайтаришларига сабаб – у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккада эканларида у зотга озор беришдан қавмни тўсар, ўзи ҳам озор бермасди, у зотга нисбатан бирон ёмонлик истамасди. Қолаверса, у Бану Ҳошим ва Бану Мутталибни яккалаб қўйиш қарори битилган саҳифани йиртиб ташланишига фаол ҳисса қўшганди.

Шунга қарамай, Абул-Бахтарий барибир шу куни ўлдирилди. Сабаби, у ёнида бир шериги билан жанг қилаётганида Мужаззар ибн Зиёд ал-Балавий унга дуч келиб қолиб: «Эй Абул-Бахтарий, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сизни ўлдиришдан бизни қайтарганлар», деди. «Шеригим нима бўлади?», деб сўраган эди: «Шеригингиз тирик қўймаймиз», деди. «Ундай бўлса, мен у билан бирга ўламан», деб, жангдан воз кечмади, шундан сўнг Мужаззар уни ўлдиришга мажбур бўлди.

3) Абдурраҳмон ибн Авф жоҳилият пайти Маккада Умайя ибн Халаф билан ошна эди. Бадр куни Абдурраҳмон унинг ёнидан ўтиб қолди, у ўғли Алий ибн Умайянинг қўлидан тутиб турганди. Абдурраҳмоннинг қўлида ўлжа қилиб олган бир неча совут бор эди. Умайя уни кўриб деди: «Мени асир олишни истамайсанми? Мен қўлингдаги бу совутлардан яхшироқ бўлсам керак. Бугунгидек кунни бошдан кечирмагандим. Сизларнинг сутга ҳожатингиз бордир? – яъни, мени асирга олган кишидан серсут туя эвазига ўзимни қутқариб олардим демоқчи» – шунда Абдурраҳмон қўлидаги совутларни ташлаб, иккаласининг қўлидан тутиб, етаклаб кетди.

Абдурраҳмон айтади: Умайя ибн Халаф билан ўғлининг ўртасида борарканман, у мендан: «Ораларингизда кўкрагига туяқуш пати қадаб олган киши ким ўзи?» деб сўради. Мен: «У Ҳамза ибн Абдулмутталиб», дедим. «Ўша одам бугун бизга кунимизни кўрсатди», деди.

Абдурраҳмон айтади: Мен уларни етаклаб бораётганимда тўсатдан Умайяга Билолнинг кўзи тушди – Умайя Маккада Билолни азоблар эди - ва: «Куфрнинг боши Умайя ибн Халаф?! Агар у қутулиб кетса, менинг қутулмаганим бўлсин!» деб қичқирди. Мен: «Ҳой Билол, бу менинг асирим», дедим. Билол яна: «Агар у қутулиб кетса, менинг қутулмаганим бўлсин!» деди. Мен: «Мени эшитяпсанми ҳой қоравачча?!» десам у яна: «У қутулиб кетса, менинг қутулмаганим бўлсин!» деди. Сўнг бор овози билан: «Эй Аллоҳнинг ансорлари! Куфрнинг боши Умайя ибн Халаф! Агар у қутулиб кетса, менинг қутулмаганим бўлсин!» деб қичқирди. Шундан сўнг улар бизни ўраб, қисиб кела бошладилар. Мен уни ҳимоя қиларканман, бир кишининг қиличи унинг ўғлига тегиб ерга қулатди. Умайя жон аччиғида шундай бақириб юбордики, мен унақасини ҳечам эшитмаганман. Шунда мен: «Ўзингни қутқар, Аллоҳга қасамки, мен сени қутқариб қололмайман», дедим. Шундан сўнг унга қиличлари билан ёпирилишиб, иккаласини ҳам ўлдиришди.

Абдурраҳмон айтарди: «Аллоҳ Билолга раҳм қилсин, совутларимдан айрилганим етмагандек, асиримни ҳам аяб ўтирмади».

Бухорий Абдурраҳмон ибн Авфдан ривоят қилади: «Мен Умайя ибн Халаф билан хатлашиб, у менинг Маккадаги мол-мулкимни ҳимоя қилишига, мен эса унинг Мадинадаги молини ҳимоя қилишга келишгандик. Бадр куни мен уни ўлимдан сақлаб қолиш учун одамлар ухлаган пайт тоққа олиб чиқиб кетаётган эдим, бирдан унга Билолнинг кўзи тушиб қолди ва ансорлар йиғилиб ўтирган жойга бориб: «Умайя ибн Халаф! Умайя қутулиб кетса, мен қутулмайман!», деб қичқирди. Шунда бир гуруҳ ансорлар у билан бирга изимиздан тушишди. Етиб олишлари хавфи пайдо бўлгач, уларни машғул қилиб туриши учун унинг ўғлини ортда қолдирдим. Бироқ, уни ўлдиришди ва яна ортимиздан югуришди. Умайя семиз одам эди. Улар ортимиздан етиб олишгач, мен унга: «Ерга ёт!», дедим. У ерга ғужанак бўлиб ётган эди, мен ўзимни унинг устига ташлаб, ҳимоя қилмоқчи бўлдим. Бироқ, тагимдан қиличларини тиқишиб, охири уни ўлдиришди, ҳатто битталарининг қиличи менинг оёғимни кесиб ҳам кетди». Шундай деб Абдурраҳмон оёғида қолган жароҳат изини бизга кўрсатарди[9].

4) Шу куни Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу тоғаси Ос ибн Ҳишом ибн Муғийрани ўлдирди, қариндошлигига парво ҳам қилмади. Лекин Мадинага қайтгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асир тушган амакилари Аббосга хитоб қилиб: «Эй Аббос, Исломга кир! Аллоҳга қасамки, сенинг мусулмон бўлишинг мен учун Хаттобнинг (яъни, ўз отасининг) мусулмон бўлишидан ҳам яхшироқ. Сабаби, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сенинг Исломга киришингни исташларини кўрганман», деди[10].

5) Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу мушриклар ичида бўлган ўғли Абдурраҳмонга узоқдан туриб қичқирди: «Менинг молларим қаерда қолди, эй ифлос?» деганида ўғли унга жавобан деди:

Бир найза-ю, битта учқур от,

Бошқа мол-мулк битди, йўқолди.

Гумроҳ чолни ўлдирмоқ учун

Яна битта қилич ҳам қолди.

6) Одамлар бири қўйиб бири асир олишга тушиб кетишгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам чодир ичида, Саъд ибн Муоз эса эшик олдида қилич яланғочлаб у зотни қўриқлаб тураркан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Саъднинг юзида одамлар қилаётган ишдан норозилик аломатини кўрдилар ва: «Эй Саъд, сиз одамдар қилаётган ишни ёқтирмаётганга ўхшайсиз?», дедилар. Саъд: «Ҳа, эй Расулуллоҳ, бу Аллоҳ таоло ширк аҳлининг бошига солган биринчи кўргилик эди, ширк аҳлини қириб ташлаш орқали заифлаштириш уларни тирик қолдиргандан кўра яхшироқ бўларди, деб ўйлайман», деди.

7) Ўша куни Уккоша ибн Миҳсан ал-Асадийнинг қиличи синиб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келган эди, у зот унинг қўлига бир калтак тутқазиб: «Шу билан жангга кир, эй Уккоша», дедилар. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қўлларидан калтакни олиб, бир силкитган эди, калтак узун ва мустаҳкам, темири оппоқ қиличга айланди. У уруш то мусулмонларнинг тўла-тўкис ғалабаси билан якунлангунига қадар шу билан жанг қилди. Ўша қилични «авн» (мадад) деб аталар, кейинчалик ҳам барча урушларда уни ёнидан қўймаган, муртадларга қарши жангларда шу қиличи билан жанг қилиб шаҳид бўлган эди.

8) Жанг ниҳоясига етгач, Мусъаб ибн Умайр ал-Абдарий ўзининг акаси, мушриклар сафида туриб мусулмонларга қарши жанг қилган Абу Азиз ибн Умайрнинг ёнидан ўтиб қолди, ансорлардан бири унинг қўлларини боғлаётган экан. Шунда Мусъаб ансорийга: «Буни маҳкам ушла, чунки онасининг пули кўп, яхшигина тўлов тўлаб қутқариб олиши мумкин», деди. Абу Азиз Мусъабга: «Бу ака-укачилигимиз ҳурмати менга қилган яхшилигингми?!» деган эди, у: «Менинг акам сен эмас, мана бу ансорий», деб жавоб берди.

9) Мушрикларнинг мурдаларини чоҳга ташлашга буйруқ бўлгач, Утба ибн Рабиъанинг мурдаси чоҳга ташланганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ўғли Абу Ҳузайфанинг юзи қайғудан ўзгариб кетганини кўриб: «Эй Абу Ҳузайфа, отангизнинг ҳолига раҳмингиз келган кўринади?», дедилар. У: «Йўқ, ё Расулуллоҳ, мен отамнинг ўлимида шубҳа қилмаган эдим, бироқ отамни ақлли, ҳалим ва фазлу марҳамат соҳиби деб билардим ва бу сифатлари охир-оқибат уни Исломга етакласа керак, деб умид қилардим. Унинг бошига тушган аҳволни кўриб, умидим чиппакка чиққанидан ва у куфрда ўлиб кетганидан хафа бўлдим», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Ҳузайфанинг ҳаққига яхшилик тилаб дуо қилдилар ва унга яхши сўзларни айтдилар.

 

Бадр жангида ҳалок бўлганлар сони

 

Жанг мушрикларнинг тўла тор-мор қилиниши ва мусулмонларнинг улкан ғалабаси билан тамом бўлди. Унда мусулмонлардан ҳаммаси бўлиб ўн тўрт киши – олтита муҳожир ва саккизта ансорий шаҳид бўлди.

Мушриклар эса катта талафот кўришди. Улардан етмиш киши ўлдирилди, етмиш киши асирга олинди, кўпчилиги Қурайшнинг аслзодалари эди.

Жанг тамом бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мушрикларнинг мурдалари устида туриб, уларга: «Сизлар пайғамбарингизга нисбатан нақадар ёмон қавму-қариндош бўлдингиз. Сизлар мени ёлғончи қилдингиз, бошқалар тасдиқладилар. Сизлар мени ёрдамсиз қўйдингиз, бошқалар менга ёрдам бердилар. Сизлар мени диёримдан қувиб чиқардингиз, бошқалар менга бошпана бердилар», дедилар, сўнгра уларни Бадрдаги чоҳлардан бирига ташлаб юборишга буюрдилар.

Абу Талҳадан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бадр жанги куни Қурайш пешволаридан йигирма тўрттасининг жасадини Бадрдаги жуда ифлос қудуқлардан бирига ташлаттирдилар.

Бир қавм устидан ғалаба қозонганларида у ерда уч кун турардилар. Бадрда туришларининг учинчи куни туяларини эгарлатиб миндилар, сўнг юра бошладилар, асҳоблари у кишига эргашдилар. Қудуқнинг лабига бориб турдилар ва уларни номма-ном чақириб: «Эй Фалончи Фалончи ўғли, эй Фалончи Фалончи ўғли, Аллоҳ ва Расулига итоат қилмаганингиздан афсус чекяпсизларми?! Биз Раббимиз ваъда қилган нарсанинг ҳақ эканини топдик, сизлар ҳам Раббингиз ваъда қилган нарсанинг ҳақлигини топдингизми?!» дедилар. Умар розияллоҳу анҳу: «Ё Расулуллоҳ, жонсиз жасадларга гапираяпсизми?!» деган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Муҳаммаднинг жони Қўлида бўлган Зотга қасамки, менинг сўзларимни сизлар улардан кўра яхшироқ эшитаётганингиз йўқ», дедилар.

Бир ривоятда: «Сизлар улардан яхшироқ эшитолмайсизлар, лекин улар жавоб беришолмайди», дедилар[11].

 

Макка мағлубият хабарини қаршилайди

 

Мушриклар Бадр майдонидан тартибсиз суратда чекиниб, водий ва дараларга сочилиб кетишди. Мағлубият билан Макка сари йўл олишаркан, хижолатдан бошлари эгилган, унга қай юз билан кириб боришни билишмасди.

Ибн Исҳоқ айтади: Қурайшнинг мағлубияти хабарини биринчи бўлиб Ҳайсумон ибн Абдуллоҳ ал-Хузоий олиб келди. Ундан хабар сўрашганида Утба ибн Рабиъа, Шайба ибн Рабиъа, Абул-Ҳакам ибн Ҳишом, Умайя ибн Халаф ва бошқа Қурайш аслзодаларининг ўлдирилганини айтди. Каъба ёнида ўтирган Сафвон ибн Умайя унинг Қурайш катталари номларини бирма-бир санаганини эшитиб: «Бунинг эси оғиб қолган кўринади, қани, ундан мен ҳақимда сўраб кўринглар-чи», деди. Шунда ундан: «Сафвон ибн Умайя нима бўлди?» деб сўрашди. У: «У Каъба ёнида ўтирибди, Аллоҳга қасамки, мен унинг отаси ва акасининг ўлдирилганни кўрдим», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мавлолари (озод қилган қуллари) Абу Рофеъ айтади: Мен Аббоснинг хизматкори эдим, Ислом бизнинг хонадонимизга кириб келган, Аббос, Уммул Фазл ва мен исломни қабул қилгандик, Аббос исломини яшириб юрарди. Абу Лаҳаб Бадр жангига бормаганди. Мағлубият хабари келгач, эзилиб, ўзини қўйгани жой тополмай қолди, биз эса ўзимизда қувват ва азизлик ҳис қилдик. Мен заиф-кучсиз одам эдим, қадаҳ (коса) ясаш билан шуғулланардим. Бир куни Зам-зам хонасида қадаҳимни йўниб ўтирган эдим, олдимда Уммул Фазл бор эди, биз келаётган хабарлардан хурсанд эдик. Тўсатдан Абу Лаҳаб бўшашган ҳолда, оёқларини судраганича кириб келди ва хонанинг бир четига, орқасини менинг орқамга қилиб ўтирди. Шу ҳолда ўтираркан, одамлар: «Абу Суфён ибн Ҳорис ибн Абдулмутталиб келди», деб қолишди. Абу Лаҳаб уни ўз олдига чорлади. Абу Суфён унинг ёнига келиб ўтирди, одамлар атрофда тик туришарди. Абу Лаҳаб: «Қани сўзла, эй жияним, нима воқеалар бўлди?», деди. «Бор гап шуки, биз қавм билан тўқнашиб, уларга елкаларимизни тутиб бердик, улар бизни истаганча ўлдиришиб, истаганча асир олишди. Шундай бўлса-да, мен одамларни заррча айбдор деб билмадим. Биз осмон билан ер оралиғида чавкар отларга минган оппоқ кийимли чавандозларга дуч келдик. Қасамки, улар ҳеч нарсани қолдирмас ва ҳеч ким уларга қарши туролмасди», деди у.

Абу Рофеъ айтади: Мен ҳужранинг танобини қўлим билан тортиб туриб: «Аллоҳга қасамки, улар малоикалар бўлса керак», деган эдим, Абу Лаҳаб қўлини кўтариб, юзимга тарсаки тортиб юборди. Мен унга қаршилик кўрсатган эдим, у мени кўтариб ерга урди ва устимга миниб олиб дўппослай кетди. Шунда Уммул Фазл ҳужра устунларидан бирини олиб, у билан Абу Лаҳабнинг бошига туширди, бу зарбадан унинг бошида ёрилди. «Нима, уни хожаси йўқлиги учун заиф санаяпсанми?!», деди Уммул Фазл. Шундан сўнг Абу Лаҳаб бўйнини қисиб, жўнаб қолди. Худо ҳаққи, шу воқеадан бир ҳафтагина ўтгач, Аллоҳ уни адаса касалига (араблар жирканадиган яра-чақа касали) мубтало қилди ва шунинг ортидан ўлиб кетди. Болалари ҳам унинг яқинига йўламасдан, ҳеч ким уни кўмишни ҳам истамасдан шу ҳолда уч кун қолиб кетди. Охир-оқибат шу ҳолда қолиб кетса, иснодга қолишларидан қўрқиб, бир чуқур қазиб, ёғочлар билан суриб унга тушириб, узоқдан тошлар отиб кўмиб ташлашди.

Бадр майдонидаги қақшатқич мағлубият хабарини Макка аҳли ана шу тарзда қаршилади. Бу воқеа уларга жуда қаттиқ таъсир кўрсатди. Ҳатто, мусулмонлар устимиздан кулмасин, деган мақсадда ўлганлар учун овоз чиқариб йиғлашни ҳам ман қилиб қўйишди.

Бадр куни Асвад ибн Мутталибнинг учта ўғли ҳалок бўлганди. Болалари учун дод солиб йиғлагиси келар, ўзи кўзи ожиз одам эди. Кечаларнинг бирида бир аёлнинг овоз чиқариб йиғлаётганини эшитиб қолиб, ғуломига: «Бор, билиб келчи, овоз чиқариб йиғлашга рухсат бўлганмикин, Қурайш ўлганлари учун аза очиб йиғлаётганмикин? Шояд мен ҳам ўғлим Абу Ҳакима учун бир тўйиб йиғласам, аламдан ичларим куйиб кетди ахир», деди. Бола қайтиб келиб: «Бир хотин туясини йўқотиб қўйиб йиғлаётган экан», деди. Шунда Асвад ўзини тутолмай қолиб, ич-ичидан ушбу мисралар отилиб чиқди:

 

Азизмикан бир туянинг қадри шунча,

Ухламасдан йиғламасанг тўлиб бунча.

 

Йиғлар бўлсанг Бадр кунин эслаб йиғла,

Завол топган йигитлар чун бағринг тиғла.

 

Ҳалок бўлди унда Қурайш уруғлари,

Бани Ҳусайс, Бани Махзум улуғлари.

 

Ярашади Ақил учун чексанг фарёд,

Шерлар шери Ҳорис учун кўтарсанг дод.

 

Ҳакиманинг отасидек йигит ўлди,

Санайверсам адо бўлмас гуллар сўлди.

 

Саййидларга Бадр бўлгач сўнгги маъво,

Қолган-қутган «саййидман» деб қилар даъво.

 

Мадинага ғалаба муждаси етиб келади

 

Мусулмонлар узил-кесил ғалабага эришганларидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадина аҳлига ғалаба хабарини етказиш учун иккита чопар йўлладилар, Абдуллоҳ ибн Равоҳани Олия (юқори тараф) аҳлига, Зайд ибн Ҳорисани эса Софила (қуйи тараф) аҳлига юбордилар.

Яҳуд ва мунофиқлар бунгача Мадинада ёлғон миш-мишлар тарқатиб, ҳатто Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўлдирилганликлари хабарини ёйишга улгуришганди. Мунофиқлардан бири Зайд ибн Ҳорисани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туялари Қасвога миниб келаётганини кўриб: «Ана, Муҳаммад ўлдирилгани рост экан, мана унинг туяси, унинг устида ҳаллослаганича қочиб келаётган анови Зайд эса қўрқувдан нафаси ичига тушиб кетиб гапиролмай ҳам қолган кўринади», деб шовқинлади.

Иккала элчи етиб келгач, мусулмонлар хабар эшитиш иштиёқида уларни ўраб олишди, мусулмонларнинг ғалаба қозонганига ишонч ҳосил қилишгач, ҳамма ёқни шод-хуррамлик тутиб кетди, Мадинанинг чор-атрофи гулдурос таҳлил ва такбирлар остида ларзага келди. Мадинадаги мусулмонларнинг бошлиқлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ушбу улкан ғалаба билан муборакбод этиш учун Бадр йўли сари отланишди.

Усома ибн Зайд айтади: «Бизга ғалаба хабари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизлари Руқайянинг қабри устига тупроқ тортаётган пайтимизда етиб келди, у Усмон ибн Аффоннинг никоҳида бўлиб, Усмон билан мени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга қараб туриш учун қолдиргандилар».

 

Ислом лашкари Мадина сари йўл олади

 

Жанг ниҳоясига етганидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бадрда уч кун турдилар. Жанггоҳдан қўзғалишаридан олдин лашкар ичида ўлжа хусусида келишмовчилик юзага чиқди. Тортишув кучайиб кетгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқлари билан ҳамма қўлидаги нарсаларни бир жойга ташлади. Сўнг ушбу муаммони ечиб берувчи ваҳий нозил бўлди.

Убода ибн Сомитдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга Бадрда ҳозир бўлдим. Тўқнашув бўлиб, унда Аллоҳ душманни мағлуб қилгач, бир гуруҳ кишилар душман ортидан қувиб, ўлдириш ва асир олишда давом этдилар, бир гуруҳ эса ғанимат ва ўлжаларни йиғишга киришдилар, яна бир гуруҳ эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг атрофларида, душман ғафлатда қўйиб у зотга бирон зиён етказишидан қўрқиб, ҳимоя қилиб турдилар. Қоронғи тушиб, ҳамма жой-жойига қайтгач, ўлжа йиққан кишилар: «Ўлжаларни биз тўпладик, уларда биздан бошқа ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ», дейишса, душман ортидан қувиб кетганлар: «Биз ўлжага ҳаммадан ҳақлироқмиз, чунки душманни ундан узоқлатиб, сизлар учун имконият яратиб бердик», дейишди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг атрофида қолганлар ҳам: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўз-қулоқ бўлиб туриш мақсадида ўрнимиздан жилолмадик», дейишди. Шундан сўнг Аллоҳ таоло: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Сиздан ўлжалар ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Ўлжалар Аллоҳ ва пайғамбарникидир. Бас, Аллоҳдан қўрқингиз ва ўз ораларингизни ўнглангиз! Агар мўмин бўлсангизлар, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига бўйсунингиз!» (Анфол: 1) оятини нозил қилди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни мусулмонлар ўртасида тақсимладилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бадрда уч кун турганларидан сўнг лашкар ҳамроҳлигида Мадина сари йўлга отландилар. Мушрик асирларни ва мушриклардан олинган ўлжаларни ҳам бирга олиб кетдилар, ўлжаларга Абдуллоҳ ибн Каъбни масъул қилиб қўйдилар. Сафро дарасидан ўтгач, дара билан Нозия ўрталиғидаги тепаликда тўхтадилар. Ўша ерда ўлжалардан хумус (бешдан бирини) ажратиб олгач, қолганини мусулмонларга баб-баробар бўлиб бердилар.

Сафрога етганларида Назр ибн Ҳорисни ўлдиришга буйруқ бердилар. У Бадрда мушрикларнинг байроқдори бўлган, Қурайшнинг энг катта жиноятчиларидан бири, Исломнинг ашаддий душманларидан ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга озори энг қаттиқ кимсалардан бири эди. Алий ибн Аби Толиб унинг бошини танидан жудо қилди.

Ирқуз-зубяга етганларида Уқба ибн Аби Муийтни қатл қилишга буйруқ бердилар. Юқорида биз унинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нақадар ёмон азиятлар етказганини айтиб ўтганмиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқиётганларида сўйилган туянинг қоғоноқини келтириб, у зотнинг елкаларига ташлаган ҳам, ридоси билан у зотни бўғиб, ўлдириб қўяёзган ҳам мана шу бадбахт эди. Уни қатл қилишга буюрганларида: «Гўдак болаларимни ким қарамоғига олади, эй Муҳаммад?», деган эди: «Ўт», деб жавоб бердилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам[12]. Уни Осим ибн Собит ал-Ансорий қатл қилди, баъзилар Алий ибн Аби Толиб қатл қилган ҳам дейишади.

Бу икки муштумзўрнинг қатл қилиниши уларнинг ўтмишдаги жиноятларига берилган жазо ҳам эди. Зеро, улар нафақат асирлар, балки замонавий тил билан айтганда уруш жиноятчилари ҳам эди.

 

Муборакбод этувчи вакиллар

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Мадинага юборган икки элчиларидан хушхабарни эшитиб, у зотни муборакбод этиш учун йўлларига пешвоз чиқиб келаётган мусулмонларнинг бошлиқлари у зот билан Равҳога етиб келганларида учрашдилар ва ғалаба билан муборакбод этдилар. Шунда Салама ибн Салома уларга: «Бизни нимага қутлаяпсизлар? Аллоҳга қасамки, биз бор-йўғи тушовланган туяларга ўхшаш, тепакал қарияларга тўқнашиб, уларни бўғизладик, холос», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам табассум қилдилар ва: «Эй жиян, улар қавмнинг энг шарафли кишилари эди», дедилар.

Усайд ибн Ҳузайр: «Ё Расулуллоҳ, сизни музаффар ва шод-хуррам этган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин! Аллоҳга қасамки, ё Расулуллоҳ, менинг Бадрдан қолишимга сабаб – сизни душман билан тўқнашувга бораётганингизни билмагандим, фақат карвон учун бораяпсиз, деб ўйлаган эдим, агар жанг бўлишини билсам, ҳаргиз қолмаган бўлардим», деди. «Рост айтдингиз», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам.

Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага музаффар ва ғолиб бўлиб кириб келдилар. Мадина ва унинг атрофларидаги душманлар у кишидан ҳайиқиб қолишди. Мадина аҳлининг жуда кўпчилиги исломни қабул қилишди. Абдуллоҳ ибн Убай ва унинг ҳамтовоқлари ҳам зоҳирда исломга киришди.

Мадинага келганларининг эртаси куни асирларни ҳам етказиб келишди. Уларни асҳоблари ўртасида тақсимладилар ва уларга асирларига яхши муомалада бўлишни буюрдилар. Асҳоблари у зотнинг тавсияларига амал қилиб, ўзлари хурмо еб, асирларига нон берардилар.

 

Асирлар масаласи

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага етиб келганларидан сўнг асирлар хусусида асҳобларига маслаҳат солдилар. Абу Бакр: «Ё Расулуллоҳ, улар бизнинг амакиваччаларимиз, қариндош-уруғ ва оға-иниларимиз. Фикримча, улардан фидя (тўлов) олсак, улардан олган маблағлар кофирларга қарши биз учун қувват бўларди. Қолаверса, ажабмаски, Аллоҳ уларни ҳидоятга йўлласа ва бизга ёрдамчиларга айланишса», деди.

«Сиз нима дейсиз, эй Ибн Хаттоб?», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Умар: «Аллоҳга қасамки, мен Абу Бакрнинг фикрига қўшилмайман. Аксинча, улар ҳақида менинг фикрим шуки, менга фалончини (яъни, ўзининг қариндошларидан бирини) беринг, бошини танасидан жудо қилай, Алийга Ақил ибн Аби Толибни беринг, бошини танасидан жудо қилсин, Ҳамзага акаси фалончини беринг, бошини танасидан жудо қилсин. Токи қалбимизда мушрикларга нисбатан раҳм-шафқат йўқлигини Аллоҳга билдириб қўяйлик. Қолаверса, улар қавмнинг энг шарафли кишилари, бошлиқ ва қўмондонлари», деди.

Умар айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менинг фикримни олмадилар, Абу Бакрнинг фикрига мойил бўлдилар ва улардан фидя олдилар. Эртаси куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига борсам, у зот билан Абу Бакр икковлари йиғлаб ўтиришган экан. Мен: «Ё Расулуллоҳ, дўстингиз билан сизни нима нарса йиғлатди? Менга ҳам айтинг, агар йиғлайдиган иш бўлса мен ҳам йиғлай, агар йиғлаёлмасам ўзимни йиғлаганга солай», дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Улардан фидя олганликлари туфайли биродарларингиз йўлиқадиган иш учун йиғлаяпман. Менга уларнинг азобланишлари мана бу дарахтдан ҳам яқин экани кўрсатилди», деб яқинларидаги бир дарахтга ишора қилдилар.

Аллоҳ таоло қуйидаги оятни нозил қилганди:

«Бирон пайғамбар учун то ерда ғолиб бўлмагунича, асир олиш жоиз эмас эди. (Эй мўминлар), сизлар дунё нарсаларини истамоқдасиз. Аллоҳ эса охират (неъматлари сизларники бўлиши)ни истайди. Аллоҳ қудратли, ҳикматлидир. Агар Аллоҳнинг ҳукми азалийсида (билмасдан қилган хатони кечиришлиги) ёзиб қўйилмаганида эди, албатта сизларга товон олганинглар сабабли улуғ азоб етган бўлур эди» (Анфол: 67, 68).

Баъзи муфассирлар Аллоҳнинг ҳукми азалийсида ёзиб қўйилган нарса: «Сўнг ё (уларни озод қилиб юбориш билан) марҳамат кўрсатурсизлар ё (уларни қўйиб юбориш учун) фидя-товон олурсизлар» (Муҳаммад: 4) ояти эди, бунда асирлардан фидя олиб, қўйиб юборишга изн берилганди, шу боис ҳам бу иш учун азоб тушмади, фақат ерда мустаҳкам ўрнашиб олмасдан туриб асир олингани учун итоб-танбеҳ нозил бўлди, дейдилар.

Баъзилар эса: «Йўқ, бу оят кейинроқ нозил бўлган, Аллоҳнинг илми азалийсида ёзилган китобдан мурод – бу уматга ғанимат-ўлжаларни ҳалол қилиб берганлиги ёки Бадр аҳлини Ўзининг тўла раҳмат ва мағфиратига олганидир», дейишади.

Иш Абу Бакр Сиддиқнинг маслаҳатига кўра асирлардан фидя олишга қарор топгани учун улардан фидя олинди. Фидя миқдори минг дирҳамдан тортиб тўрт минг дирҳамгача бўлди. Макка аҳли ёзув-чизувга қўли келадиган саводхон халқ бўлиб, Мадина аҳли асосан саводсиз эди. Шу боис тўлашга пули бўлмаган асирлар Мадиналик ўнта боланинг саводини чиқариб қўйиш эвазига ҳам озод қилиндилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир қанча асирларни ҳеч қандай тўловсиз ҳам озод қилиб юбордилар. Муттолиб ибн Ҳантоб, Сойфий ибн Абу Рифоъа, Абу Изза ал-Жумаҳийлар шулар жумласидан бўлиб, кейинроқ Абу Иззани Уҳудда яна асирга тушганида ўлдиришга буюрганлар.

Куёвлари – қизлари Зайнабнинг эри Абул-Осни ҳам қўйиб юбордилар. Зайнаб унинг фидяси учун юборган моллар ичида онаси Хадижа унга тўйи куни тақиб қўйган сирға ҳам бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу сирғага кўзлари тушиб, кўнгиллари бузилиб кетди ва асҳобларидан Абул-Осни шундоқ қўйиб юборишга изн сўрадилар, улар ҳам бунга рози бўлишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абул-Осни қўйиб юборарканлар, унга Зайнабнинг йўлини очиб қўйишини шарт қўйдилар. Шартга мувофиқ у Зайнабнинг ҳижрат қилишига йўл очиб берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Зайд ибн Ҳориса билан бир ансорийни юбориб, Батни Яъжаж деган жойда кутиб туришларини, Зайнаб етиб келгач, уни бирга олиб келишларини буюрдилар. Улар бориб, Зайнабни бирга олиб келдилар. Унинг ҳижрат қиссаси жуда узун ва аламли кечди.

Асирлар ичида Суҳайл ибн Амр ҳам бўлиб, у кучли нотиқ одам эди. Умар деди: «Ё Расулуллоҳ, Суҳайл ибн Амрнинг тишларини қоқиб олинг, тили осилиб, иккинчи сизга қарши гапириб юрмайдиган бўлсин». Бироқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг бу талабини рад этдилар, бундай қилиш охиратда Аллоҳнинг азобига дучор қилувчи мусла (инсоннинг қулоқ-бурун каби аъзосини кесиш) бўлишидан қўрқдилар.

Саъд ибн Нуъмон исмли саҳобий умра қилиш учун борганида Абу Суфён уни ушлаб қамаб қўйганди. Асирлар ичида бўлган Абу Суфённинг ўғли Амрни Абу Суфёнга юбордилар, у бунинг эвазига Саъдни қўйиб юборди.

 

Қуръон мазкур жанг хусусида сўз юритади

 

Ушбу жанг мавзусида «Анфол» сураси нозил бўлди. Бу сура – таъбир жоиз бўлса – мазкур жанг борасидаги илоҳий изоҳ (ҳисобот) бўлиб, у одатда подшоҳ ва қўмондонларнинг ғалабадан кейин нутқ қиладиган изоҳ ва ҳисоботларидан кескин фарқ қилади.

Аллоҳ таоло аввало мусулмонларнинг диққатини уларда сақланиб қолган ва улардан содир бўлган айрим ахлоқий қусурларга жалб қилди ва бу билан уларнинг ўз нафсларини юксак камолот даражаларига кўтариш ва дилларини бу қусурлардан поклашга чорлади.

Шундан сўнг Аллоҳ таоло Ўзининг бу ғалабадаги қўллаб-қувватлашини, мусулмонларга бўлган ғойибона мадад ва нусратини баён қилди. Буни уларга ўз шижоатлари ва жасоратлари билан мағрурланиб қолиб, нафсларига манманлик ва кибру-ҳаво томир отмаслиги учун, балки Аллоҳга таваккул қилишлари, Унга ва Унинг расулига итоат қилишлари учун зикр қилди.

Сўнгра уларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни бу қонли тўқнашувга олиб келган юксак мақсад ва ғаразларни баён қилди, уларни жангларда ғалабага сабаб бўлувчи сифат ва ахлоқларга йўллади.

Сўнг мушрик ва мунофиқларга, яҳудларга ва уруш асирларига хитоб қилиб, уларга ҳақни қабул қилишларига йўллайдиган етук панд-насиҳатлар қилди.

Сўнгра ғанимат-ўлжалар мавзусида мусулмонларга хитоб қилиб, уларга ушбу масалага оид асос ва қонун-қоидаларни қўйиб берди.

Сўнгра уларга исломий даъват ушбу босқичга кирганидан сўнг муҳтож бўладиган уруш ва тинчликка оид қонун-қоидаларни баён қилди, токи мусулмонларнинг урушлари жоҳилият аҳли урушларидан ажралиб турсин, мусулмонлар ахлоқ-одоб, ўлчов ва намуналарда юксалиб турсинлар, дунё аҳли исломнинг қуруқ дунёқарашдангина иборат эмаслигини, балки у ўзининг аҳлини ўзи чақираётган фикр ва асослар билан амалий равишда тарбияловчи дин эканига ишонч ҳосил қилсин.

Сўнгра ислом давлати қонунларидан ушбу давлат ҳудуди ичида яшаётган мусулмонлар билан унинг ташқарисида яшовчи мусулмонлар ўртасидаги фарқларни барпо қилувчи баъзи бандларни баён қилди.

Ҳижратнинг иккинчи йилида Рамазон рўзаси фарз қилинди, фитр закоти фарз қилинди, закотнинг бошқа нисоб ва ўлчовлари баён қилиб берилди. Фитр закотининг фарз бўлиши ва закотнинг бошқа нисобларини батафсил баён қилиниши камбағал ва муҳтож бўлган, тирикчилик йўлларини топишга қийналиб юрган муҳожирларнинг бўйинларини эзиб турган оғирликларнинг анча енгиллашига сабаб бўлди.

Энг гўзал воқеа ва ажойиб ҳодисалардан бири – иккинчи ҳижрийнинг шавволида мусулмонлар ҳаётларида биринчи бор байрам қилинган ҳайит байрами бўлди. Бу байрам Бадр ғазотида қозонилган улкан ғалаба ортидан келганлиги унинг яна-да шукуҳли бўлишига сабаб бўлди. Аллоҳ таоло бошларига ғалаба ва азизлик тожини кийдирганидан сўнг келган бу улуғ ҳайит байрами нақадар ажойиб кўриниш эди! Уйларидан чиқиб борарканлар, баланд овозда такбир, таҳлил ва ҳамд айтиб боришган, қалблари Аллоҳга рағбат билан, Ўзи берган неъматларидан ва ато этган ғалабасидан сўнг Унинг раҳмати ва розилигига интилиш билан тўлиб-тошган ҳолда ўқишган ийд намози нақадар гўзал, таърифига тил ожиз намоз эди! Аллоҳ таоло уларга мана шу ҳолатларни эслатиб, шундай марҳамат қилди: «Ва сизлар ерда (яъни, Маккада) озчилик ва ночор бўлган ҳолингизда, одамлар (яъни, Макка мушриклари) талаб кетишларидан қўрқиб турган пайтингизда сизларга жой бериб (яъни, Мадинага кўчириб) Ўз ёрдами билан қўллаб-қувватлаганини ва шукр қилишингиз учун покиза ризқлар билан баҳраманд қилганини эслангиз!» (Анфол: 26).



[1] Бу ҳақда Абу Яъло «Муснад»ида 1/242 (280ҳ), 1/260 (305ҳ), шунингдек Имом Аҳмад «Муснад»ида 1/125, 138 ривоят қилган.

[2] Жомеъут-Термизий, Жиҳод ҳақидаги боблар: 1/201.

[3] Муслим Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган, қаранг: Мишкотул-масобиҳ: 2/543.

[4] Ибн Исҳоқнинг сўзларига кўра шундай. Аҳмад ва Абу Довуд ривоятларига кўра, Убайда Валид билан, Алий Шайба билан, Ҳамза Утба билан олишди. Мишкотул-масобиҳ: 2/343.

[5] Бухорий (4875), Аҳмад (1/329) ривоятлари.

[6] Муслим (2/93) ва бошқалар ривояти.

[7] Аҳмад (1/147), Баззор (1467), Абу Яъло (1/284), Ҳоким (3/134) ривоят қилган, Заҳабий саҳиҳ санаган.

[8] Саҳиҳул Бухорий (1/444, 2/568), Мишкотул Масобиҳ (2/352). Абу Жаҳлнинг нарсаларини икки ўспириндан бирига беришларига сабаб улардан бири шу жангнинг ўзида шаҳид бўлганди.

[9] Саҳиҳул Бухорий: 1/308.

[10] Ҳоким «Мустадрак»да ривоят қилган (Шавконий, «Фатҳул қодийр» 2/327).

[11] Муттафақун алайҳ, Мишкотул-масобиҳ: 2/345.

[12] Саҳиҳ эгалари ривоят қилганлар, қаранг: Сунан Аби Довуд: 3/12.


Qayd etilgan


lolo  24 Noyabr 2009, 06:22:31

БАДР ВА УҲУД ОРАЛИҒИДА БЎЛИБ ЎТГАН ЖАНГОВОР ҲАРАКАТЛАР

 

Бадр маъракаси мусулмонлар билан мушриклар ўртасида бўлиб ўтган биринчи қуролли тўқнашув эди. У мусулмонларга чор атрофдаги бутун араблар шоҳид бўлган узил-кесил ғалабани келтирган жанг бўлди. Ушбу жанг натижаларидан бевосита ундан қақшатқич зарба еганлар, яъни мушриклар, шунингдек мусулмонларнинг иззат ва ғалабаси уларнинг диний ва иқтисодий нуфузига салбий таъсир кўрсатишидан хавфда бўлган яҳудлар энг қаттиқ хафа бўлишди. Бадрда мусулмонлар ғалабага эришганларидан бери бу икки гуруҳ ғазаб ва адоват алангасида қовуриларди. Аллоҳ таоло айтганидек: «Иймон келтирган зотларга энг қаттиқ адоват қилувчи одамлар яҳудийлар ва мушрик бўлган кимсалар эканини кўрасиз» (Моида: 82). Мадинада бу икки гуруҳнинг сирдош дўстлари ҳам бор бўлиб, улар ўз иззатларини сақлаб қолиш учун исломдан ўзга йўл кўрмагач, ноилож исломга кирган Абдуллоҳ ибн Убай ва унинг асҳоблари эди. Бу учинчи гуруҳнинг алам-аччиғи ҳам аввалги иккала гуруҳникидан кам эмасди.

Улардан ташқари, тўртинчи гуруҳ ҳам бор эди. Улар Мадина атрофларида кўчиб юрувчи бадавийлар эди. Уларни куфр ва иймон масаласи қизиқтирмас, касблари қароқчилик ва талончилик бўлгани учунгина мусулмонларнинг ғалабасидан безовта бўлиб, ҳаловатларини йўқотишди, Мадинада уларни талончилик билан кун кўришдан тийиб қўядиган кучли бир давлатнинг барпо бўлишидан қўрққанликлари туфайли мусулмонларни ёмон кўриб, уларга душманга айланишди.

Демак, маълум бўлдики, Бадрдаги ғалаба мусулмонларнинг шон-шавкат, иззат ва кароматларига қанчалик сабаб бўлган бўлса, бошқа бир неча томонларнинг адоват ва нафратига ҳам шунчалик сабаб бўлди. Табиийки, ҳар бир гуруҳ ўзини мақсадга эриштирувчи деб билган йўлга эргашарди.

Мадина ва унинг атрофидагилар ўзларини мусулмон кўрсатиб, махфий фитна ва тилбириктирувлар йўлига ўтган, яҳудлардан бир тоифаси эса адоватини эълон қилиб, ғазаб ва нафратини ошкор қилар, Макка эса қақшатқич зарба бериш билан таҳдид қилиб, аёвсиз ўч олишни ваъда қилар, бунинг учун оммавий сафарбарликни ҳам бошлаб юборган, ич-ичидан ана шу кун етиб келишини кутиб яшарди:

Ишонаман, биз учун ҳам бир ёруғ кун келиб етар,

Унда ғаним оҳ-фарёди чор-атрофни тутиб кетар.

(Дарҳақиқат, тарихда Уҳуд ғазоти номини олган урушда Қурайш ўз ниятига етди ва бу ғазот мусулмонларнинг шон-шавкат ва ҳайбатларига жиддий таъсир кўрсатган урушга айланди).

Мусулмонлар ана шундай хатарларни бартараф этиш йўлида жуда катта ишларни амалга оширдилар, бунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг улкан бошқарувчилик қобилиятлари, у зотнинг мазкур хатарларга нисбатан ғоят огоҳлик ва ҳушёрлик билан ёндашганликлари, уларнинг олдини олиш учун тузган режаларининг нақадар тўғрилиги яққол намоён бўлди. Қуйида ана шулар ҳақида мухтасар шаклда зикр қилиб ўтамиз:

 

Кудрдаги Бану Сулайм ғазоти

 

Бадр жангидан сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга етиб келган илк хабар Бану Сулайм ва Бану Ғатафон қабилаларининг Мадинага ҳужум қилиш учун куч тўплаётани ҳақидаги хабар бўлди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам зудлик билан ҳаракат қилиб, уларни ўз уйларида янчиб ташлаш учун икки юз отлиқ билан йўлга чиқдилар ва уларнинг Кудр[1] деб аталувчи жойдаги манзилларига етиб бордилар. Бану Сулайм водийда 500 та туяни қолдирганча ўзлари тумтарақай қочиб қолдилар. Туяларни мусулмонлар ўлжа сифатида қўлга киритдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг бешдан бирини ажратиб олганларидан сўнг қолганини ҳар бир отлиққа иккитадан қилиб бўлиб бердилар, Ясор номли бир қул ҳам қўлга тушган экан, уни озод қилиб юбордилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг диёрида уч кун туриб, сўнг Мадинага қайтиб кетдилар.

Ушбу ғазот Бадрдан қайтганларидан етти кун кейин, 2 - ҳижрийнинг шаввол ойида ёки муҳаррамнинг ўртасида бўлиб ўтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ғазотга чиқиб кетишларида Мадинага Сибоъ ибн Урфутани халифа қилиб қолдирдилар. Баъзилар: Ибн Умму Мактумни қолдирганлар, ҳам дейишган[2].

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга суиқасд тайёрланиши

 

Мушриклар Бадрдаги мағлубият таъсирида алам ва ғазаб алангасида ёнишар, Макка Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарши худди қозондек қайнарди. Шу орада улар ичидан иккита энг зўри чиқиб, ўз назарларида ушбу ихтилоф ва адоватларнинг ҳамда бу хорлик ва хўрликларининг бош сабабчисини, яъни Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни йўқ қилишга қарор қилишди.

Бадр воқеасидан бир оз ўтиб, Умайр ибн Ваҳб ал-Жумаҳий Сафвон ибн Умайя билан ҳижрда (яъни Каъба ёнида) ўтиришганди. Умайр Қурайш шайтонларидан бири бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ва асҳобларга Маккадалик пайтларида кўп озорлар етказганди. Унинг ўғли Ваҳб ибн Умайр Бадр асирлари ичида эди. Иккаласи Бадрда ҳалок бўлиб, қудуққа ташланган кишилар ҳақида сўзлашиб ўтиришаркан, Сафвон: «Худо ҳаққи, улардан кейин яшашнинг қизиғи қолмади», деди.

Умайр ҳам: «Тўғри айтасан, худо ҳаққи, агар бўйнимдаги тўлай олмаётган қарзим бўлмаганда ҳамда мендан кейин бола-чақамнинг зое бўлиб кетишидан қўрқмаганимда эди, ҳозироқ бориб Муҳаммадни ўлдириб келар эдим. Чунки, менинг у ерга боришимга важ бор, ўғлим улар қўлида асир», деди.

Сафвон ҳам темирни қизиғида босиб қолди: «Қарзинг менинг бўйнимга, ўзим тўлайман. Бола-чақанг менинг бола-чақам билан бирга бўлади, ўзим умрбод уларга қараб тураман», деди.

Умайр: «Ундай бўлса, бу гап иккимиз ўртамизда қолсин», деди.

Сафвон ҳам: «Келишдик», деди.

Шундан сўнг Умайр қиличини ўткирлаб, тиғига заҳар суртди ва Мадинага қараб йўлга отланди. Мадинага етиб келиб, туясини масжид эшиги ёнига чўктираётганида бир неча мусулмонлар билан Бадр кунги ғалаба ҳақида гаплашиб турган Умар ибн Хаттобнинг кўзи унга тушди ва: «Қаранглар, бу кўппак Аллоҳнинг душмани Умайр-ку, у бу ерга яхши ниятда келмаган», деди. Сўнг пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига кириб: «Ё Расулуллоҳ, анови ит, Аллоҳнинг душмани Умайр белида қиличи билан келибди», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Уни олдимга киритинглар», дедилар. Шундан сўнг Умар унинг қиличи тасмасидан маҳкам тутганича бир неча ансор йигитларига: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига кириб, ёнларида ўтиринглар, мана бу ифлосга ҳушёр бўлинглар, чунки бунга ишонч йўқ», деди, сўнг уни ичкарига олиб кирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умарни унинг бўйнидаги қиличи тасмасидан маҳкам тутиб турганини кўриб: «Уни қўйиб юборинг эй Умар», дедилар, сўнг: «Бери кел эй Умайр», дедилар. Умайр яқин келиб: «Хайрли тонг», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ таоло бизни сенинг бу саломлашувингдан яхшироқ саломлашув билан – жаннат аҳлининг саломи бўлмиш «Ассалом» билан мукаррам қилган эй Умайр», дедилар.

Сўнг: «Нима мақсадда келдинг, эй Умайр?», деб сўрадилар.

У: «Қўлларингизда бўлган асир (ўғлим) учун келдим, унга яхшилик қилинглар», деди.

«Унда нега бўйнингга қилич осиб олдинг?», дедилар.

«Қуриб кетсин қиличи ҳам, бизга унинг нима ҳам фойдаси тегди?!», деди.

«Тўғрисини айт, нега келдинг?», дедилар.

«Тўғриси шу, бошқа мақсадим йўқ», деди.

«Йўқ, ундай эмас, Сен Сафвон ибн Умайя билан ҳижрда ўтириб, қудуққа жо бўлган қурайшликлар ҳақида сўзашиб ўтириб: «Агар бўйнимда қарзим ва бола-чақам бўлмасайди, бориб Муҳаммадни ўлдирардим», дединг. Шунда Сафвон мени ўлдиришинг эвазига сенинг қарзингни ҳам, бола-чақангни ҳам ўз зиммасига олди. Лекин Аллоҳнинг Ўзи сени бу ишдан тўсувчидир», дедилар.

Шунда Умайр: «Гувоҳлик бераманки, сиз дарҳақиқат Аллоҳнинг Расулисиз. Эй Расулуллоҳ, биз сизнинг осмондан хабар келтиришингизга ва сизга ваҳий тушишига ишонмас эдик. Аммо, мана бу ишда мен ва Сафвондан бошқа ҳеч ким бўлмаганди. Аллоҳга қасамки, буни сизга фақат Аллоҳнинг Ўзи аён қилган. Мени исломга ҳидоят қилган ва шу ерга етаклаб келган Аллоҳга ҳамд бўлсин», деди ва шаҳодат калимасини айтиб мусулмон бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Биродарингизга динини ўргатинглар, Қуръон ўқитинглар, асирини эса бўшатиб юборинглар», дедилар.

Сафвон эса: «Хурсанд бўлаверинглар, яқинда Бадрдаги ҳамма мусибатни эсдан чиқариб юборадиган бир воқеа хабари келади», дер, ўткинчилардан Умайр ҳақида сўраб-суриштирарди. Йўловчилардан бири унга Умайрнинг исломга кирганини айтгач, қайтиб Умайр билан гаплашмасликка ва унга нафи тегадиган бирон ишга қўл урмасликка қасам ичди.

Умайр эса Маккага қайтиб келиб, шу ерда яшаб, исломга даъват қила бошлади. Унинг қўлида кўпчилик исломни қабул қилди[3].

 

БАНУ ҚАЙНУҚОЪ ҒАЗОТИ

 

Биз юқорида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яҳудлар билан тузган шартнома бандларини айтиб ўтган эдик. У зот мазкур шартномага амал қилишга қаттиқ ҳаракат қилиб келдилар. Амалда мусулмонлар тарафидан унинг бирон ҳарфига зид келадиган ҳеч қандай иш содир бўлмади. Аммо, тарихлари алдов, хиёнат ва аҳдни бузиш билан тўла бўлган яҳудлар табиийки, ўзларининг ўша қадимий табиатларига заррача хилоф қилмаган ҳолда мусулмонлар сафлари орасида беқарорлик ва нотинчлик келтириб чиқариш мақсадида турли фириб-найранглар қўзғата ва фитналар чиқара бошладилар. Қуйида улардан айрим намуналар келтирамиз.

 

Яҳудларнинг фириб-найрангларидан бир шингил

 

Ибн Исҳоқ айтади: Ёши бир жойга бориб қолган мўйсафид яҳудий Шос ибн Қайс куфри кучли, мусулмонларга нисбатан нафрати баланд ва ҳасади қаттиқ одам эди. Бир куни у авслик ва хазражлик бир неча саҳобаларнинг бир даврада гаплашиб ўтиришганини кўрди, уларнинг аҳил ва иноқликларини, Ислом улар ўртасида жоҳилият даврида бўлган барча эски адоватларни унуттириб юборганини кўриб, аламдан ўзини қўйгани жой тополмай қолди, «Бану Қайла уруғлари бу диёрда иттифоқ бўлишса-я?! Йўқ, улар иттифоқ бўлишса, бу диёрда бизга ўрин қолмайди», деди. Сўнг ёнидаги бир яҳудий йигитга: «Бор, улар ёнига бориб ўтир ва гапни Буъос куни ва ундан олдин бўлиб ўтган воқеаларга бур, ўша куни улар айтган шеърлардан айримларини ўқиб бер», деди. Йигит у айтганидек қилди ва қавмни ўша кунги жанг ҳақидаги гап-сўзларга тортиб қўйди. Шунда улар ўзларининг ўша кундаги қаҳрамонликлари ва жасоратлари ҳақида сўзлаб, мақтанишга ва бир-бирларини пастга уришга киришиб кетганларини ўзлари ҳам сезмай қолишди. Охир-оқибат иккала қабила аҳлидан бўлган икки киши бир-бири билан гап талашиб, бири иккинчисига: «Истасанг, ўша воқеани яна такрорлаймиз!» деб юборди. Бу эса улар орасидаги тарихий ички урушлар ўтини яна қайта ёқишга чақириқ маъносини англатарди. Ҳар икки гуруҳ ғазаб отига миниб: «Бўлди, шундай қилганимиз бўлсин! Зоҳирада учрашамиз! Қуролланинг, қуролланинг!» дейишиб, айтилган жойга қараб отлана бошлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бу воқеанинг хабари етгач, муҳожирлардан бўлган асҳоблари ҳамроҳлигида улар ёнига чиқиб бордилар. Тўпланиб туришган жойга етиб боргач: «Эй мусулмонлар жамоаси! Аллоҳдан қўрқсангиз бўлмайдими?! Мен ҳали орангизда бўла туриб сизлар жоҳилият чақириқларига чорлайсизми?! Аллоҳ сизларни Исломга ҳидоятлаб қўйганидан ва у билан сизларни мукаррам қилганидан, у сабабли сизлардан барча жоҳилият ишларини узиб ташлаганидан, у сабабли сизларни куфрдан қутқариб, дилларингизни бир-бирига ошно қилганидан сўнг-а?!», дедилар.

Шундагина қавм ўзларига келдилар, ўзларининг шайтоннинг тўрига илашиб қолганликларини ва душман макрига алданиб қолганликларини англаб етдилар, йиғлаб, иккала қабила аъзолари қучоқлашиб, бир-бирларидан кечирим сўрадилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ортларига қайтдилар. Шундай қилиб, Аллоҳнинг душмани бўлмиш яҳудий Шос ибн Қайснинг макр оловини Аллоҳнинг Ўзи ўчирди[4].

Бу воқеа яҳудларнинг мусулмонлар орасида фитна ва нотинчликлар келтириб чиқариш ва ислом даъвати йўлига тўсиқлар пайдо қилиш учун тинмай қилаётган ҳаракатларига биргина мисол эди. Бу йўлда улар турли хил режалар остида иш олиб боришарди. Иймони заифроқ кишиларнинг қалбларига шак-шубҳа уруғини қадаш мақсадида ёлғон миш-мишлар тарқатишар, эрталаб тасдиқлаб турган нарсаларини кечга бориб инкор қилишар, иймон келтирган кишилар билан агар ўрталарида молиявий алоқалари бўлса, уларга тирикчилик йўлларини имкон қадар қисишга уринишар, мўминлардан бирон киши улардан қарздор бўлса, эртаю кеч қарзини қисташар, агар ўзлари бирор мўминдан қарздор бўлишса, ноҳақ еб кетишар, уни тўлашдан бўйин товлашар ва: «Бу қарзни ота-бобонгнинг динида эканингда олганмиз, сен у диндан қайтдинг, энди сенинг бизда ҳаққинг йўқ», дейишарди[5].

Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ўрталарида тузилган аҳдномани назар-писанд қилмасдан, то Бадр жангигача мусулмонлар билан ана шундай муомала қилиб келишди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва асҳоблари уларни инсофга кириб қолар, деган умидда ва минтақада тинчлик барқарор бўлиб туриши учун тишларини тишларига қўйиб сабр қилиб келишарди.

 

Бану Қайнуқоъ аҳдни бузади

 

Аллоҳ таоло Бадрда мўминларга улкан нусрат берганини, шундан сўнг уларда иззат ва шон-шавкат ҳосил бўлганини ҳамда узоқ-яқиндагиларнинг қалбларида улардан ҳайиқиш пайдо бўлганини кўриб, мазкур яҳуд тоифаси аламдан ўзларини қўйгани жой тополмай қолишди, ёмонлик ва адоватларини ошкор қилиб, озору тажовузларини кучайтира бошлашди.

Улар ичида адовати энг кучлиси ва ёмонлиги қаттиқроғи Каъб ибн Ашраф эди, – у ҳақда кейинроқ алоҳида тўхталамиз – уччала яҳуд тоифаси ичида энг ёмони эса Бану Қайнуқоъ яҳудлари бўлиб, улар Мадина ичкарисида, ўз исмлари билан аталувчи маҳаллада яшашар, асосан қуймакорлик (заргарлик), темирчилик ва турли идишлар ясаш билан шуғулланишар, ана шу ҳунарлари боис улардан ҳар бир киши жанговор қурол-яроғларга эга эди. Уларнинг 700 нафар жангга яроқли кишилари бўлиб, Мадина яҳудларининг энг кучлиси эдилар. Мусулмонлар билан ўрталаридаги аҳдномани биринчи бўлиб бузганлар ҳам мана шулар бўлишди.

Аллоҳ таоло Бадрда мусулмонларга ғалаба ато этгач, уларнинг туғёни яна-да зўрайиб, иғво ва фитналари кучайиб кетди, ғалаён ва тартибсизлик келтириб чиқаришлари кенг тус олди, мусулмонларнинг устидан кулиш ва масхара қилишлари авжига чиқди. Уларнинг бозорига кирган ҳар бир мусулмон бирор озорга учрамай чиқиб кетмайдиган бўлиб қолди, ҳатто мусулмонларнинг аёлларига ҳам тажовуз қилишга ўта бошладилар.

Уларнинг ишлари кучайиб, тажовузлари зўрайиб кетгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаммаларини йиғиб, панд-насиҳат қилдилар, инсоф ва тўғриликка чақирдилар ҳадларидан тажовуз қилишнинг оқибатидан огоҳлантирдилар, лекин уларнинг ёмонликлари кучайса кучайдики, заррача камаймади.

Абу Довуд ва бошқалар Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан шундай ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бадрда Қурайш устидан ғалабага эришиб, Мадинага қайтиб келганларидан сўнг яҳудларни Бану Қайнуқоъ бозорига йиғиб: «Эй яҳудлар жамоаси, сизларнинг бошингизга ҳам Қурайшнинг бошига тушган иш тушмасидан туриб исломни қабул қилиб қолинглар», дедилар. Шунда улар: «Эй Муҳаммад! Сен Қурайшнинг жанг қилишни билмайдиган уқувсиз, ғўр кишиларини ўлдирганинг билан кўп ҳам мағрурланма! Мана, биз билан урушиб кўрсанг, ҳақиқий жанг қандай бўлишини билиб оласан! Ҳали сен бизга ўхшаганлар билан тўқнашиб кўрганинг йўқ», деб жавоб қилишди. Шундан сўнг Аллоҳ таоло ушбу оятларни нозил қилди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), куфр йўлини тутган кимсаларга айтинг: «Шак-шубҳасиз (бу дунёда) мағлуб бўласизлар ва (охиратда) жаҳаннамда тўпланажаксиз. Нақадар ёмон жой у!» (Эй яҳудийлар), сизлар учун бири Аллоҳ йўлида жанг қилган, иккинчиси кофир бўлган икки гуруҳ орасидаги тўқнашувда ибратли ҳодиса бўлган эди. Улар (мусулмонлар) ўз кўзлари билан (кофирларнинг) икки баробар кўп эканини кўриб турар эдилар. Аллоҳ эса Ўзи истаган кишиларни ғолиб қилиш билан қўллаб-қувватлайди. Албатта бу воқеада фикр эгалари учун ибрат бордир» (Оли Имрон: 12, 13)»[6].

Бану Қайнуқоънинг ушбу жавобидан очиқ-ойдин уруш эълон қилиш маъноси кўриниб турарди. Лекин, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ғазабларини ичга ютдилар, мусулмонлар ҳам сабр қилишда давом этдилар.

Бану Қайнуқоъ яҳудларининг эса тобора сурбетликлари кучайиб борди, улар Мадинада нотинчлик ва беқарорлик чиқаришда давом этишди ва бу билан ўзларига ўзлари чоҳ қазиб, охир-оқибат ўзлари учун ҳаёт дарвозаларини ёпиб қўйишди.

Ибн Ҳишом Абу Авндан ривоят қилади: «Бир араб аёли Бану Қайнуқоъ бозорида молини сотгач, бир заргар олдига келиб ўтирди. Ундан юзини очишини талаб қила бошладилар, у кўнмади. Шунда заргар унинг ўзига билдирмасдан кийимининг этагини орқасига боғлаб қўйди. Аёл ўрнидан тургач, унинг аврати очилиб қолди. Улар бундан хохолаб кула бошладилар. Шунда аёл ёрдам сўраб қичқирган эди, мусулмонлардан бири ҳалиги яҳудий заргарга ташланиб, уни ўлдирди. Яҳудлар ҳам мусулмонга ҳужум қилиб, уни ўлдиришди. Шундан сўнг мусулмон кишининг аҳли-оиласи яҳудларга қарши мусулмонлардан ёрдам сўраб, фарёд кўтаришди. Шу билан мусулмонлар ва Бану Қайнуқоъ ўртасида ёмонлик (уруш) келиб чиқди»[7].

 

Бану Қайнуқоънинг қамал қилиниши, таслим бўлиши ва сургун қилиниши

 

Шу воқеадан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳам сабр косалари тўлди. Мадинага Абу Лубоба ибн Абдулмунзирни халифа қилиб қолдирдилар ва Бану Қайнуқоъ сари лашкар тортиб бордилар, қўшин байроғини Ҳамза ибн Абдулмутталибга бердилар. Қўшинни кўрган Бану Қайнуқоъ ўз қалъаларига кириб ҳимояланишди. Мусулмонлар уларнинг қалъаларини қаттиқ қамалга олиб турдилар. Бу воқеа 2 - ҳижрийнинг шаввол ойи ўртасида, шанба куни бўлди ва қамал то зул-қаъданинг бошларига қадар 15 кун давом этди. Аллоҳ таоло уларнинг дилларига қўрқув солди – зотан У бир қавмни расво ва хор қилишни истаса, уларнинг қалбига қўрқув солиб қўяди – ва улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг жонлари, моллари, аёллари ва фарзандлари хусусида нима ҳукм қилсалар шунга рози бўлишларини билдиришди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни боғлаб қўйишга буюрдилар.

Ана шунда Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салулнинг мунофиқлиги очиқ намоён бўлди. У зўр бериб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан уларни афв қилишни талаб қилиб: «Эй Муҳаммад, менинг дўстларимга яхшилик қил», дея бошлади. Чунки, Бану Қайнуқоъ Хазражнинг иттифоқчиси саналарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг сўзига парво қилмаган эдилар, у яна сўзларини қайтарди, у зот эса юзларини ўгириб олдилар. Шунда у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг совутлари ёқасидан тутиб тортди. «Қўйиб юбор!», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, у зотнинг юзлари ғазабдан қизариб кетган эди, сўнгра яна: «Қўйиб юбор, деяпман, башаранг қурсин!», дедилар. Лекин, мунофиқ сурбетларча ёпишиб олиб: «Йўқ, Худо ҳаққи, то менинг дўстларимга – 300 совут кийган, 400 совутсиз кишига – раҳм қилмагунингча қўйиб юбормайман, улар мени қизилу-қорадан (яъни душманларимдан) ҳимоя қилиб келишган, сен уларни бир кунда қириб ташламоқчимисан?! Мен, Худо ҳаққи, бу иш ёмон оқибатга олиб келишидан қўрқаман», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонлигини изҳор қилганига ҳали бир ой ҳам бўлмаган бу мунофиққа чиройли муомала қилдилар ва унинг ҳурматидан уларнинг қонидан кечдилар, бироқ уларни Мадинадан чиқиб кетишга ва унинг яқинида яшамасликка амр этдилар. Шундай қилиб Бану Қайнуқоъ яҳудлари Мадинадан Шомнинг Азруот деган жойига бош олиб кетдилар ва ҳеч қанча ўтмай кўплари ўлиб йўқ бўлиб кетишди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг молларини олиб қолдилар. Улар ичидан учта камон, иккита совут, учта қилич ва учта найзани олдилар ва ўлжаларни бешга тақсимладилар. Ўлжаларни йиғишга Муҳаммад ибн Маслама бош-қош бўлди[8].

 

Савиқ ғазоти

 

Сафвон ибн Умайя, яҳудлар ва мунофиқлар ўзларининг тилбириктирув ва ҳарбий амалиялари билан машғул бўлиб туришаркан, Абу Суфён ҳам тек ўтирмаганди. У қавмининг обрў-эътиборини сақлаб қолиш ва куч-қувватини кўрсатиб қўйиш учун зарари камроқ ва таъсири кўзга кўринарлироқ бир иш қилиш ҳақида режа тузиб қўйган ва уни тезроқ амалга оширишга шошилаётганди. Қолаверса, у то Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарши жанг қилмагунича бошига жанобат туфайли сув теккизмасликни (яъни, аёлларга яқинлашмасликни) назр қилганди. Қасамининг устидан чиқиш мақсадида у 200 отлиқ билан йўлга отланди ва Мадинадан бир барид[9] чамаси беридаги Сайб деб аталувчи тоғ ёнбағрига келиб тушди. Бироқ, Мадинага очиқдан-очиқ ҳужум қилишга юраги дов бермасдан, қароқчилардек йўл тутди. Тун қоронғусида билдирмасдан Мадина четидаги маҳаллалар оралаб Ҳуяй ибн Аҳтобникига бориб, эшик қоқди. Бироқ, Ҳуяй қўрқиб эшикни очмади. Шундан сўнг у Бану Назир саййиди ва уларнинг ўша пайтдаги хазинабони Саллом ибн Мишкамникига борди. Саллом уни уйига олиб кириб, меҳмон қилди, шаробга тўйдирди, бўлаётган воқеа-ҳодисаларни бирма-бир сўзлаб берди. Шундан сўнг Абу Суфён тонгга қолмай шериклари ёнига етиб бориб, улардан бир гуруҳини босқин учун юборди. Улар Мадина четидаги Урайз деб аталган маҳаллани босқин қилиб, ундаги бир қанча хурмоларни кесиб, ўт қўйиб юборишди, ўша жойда бўлган бир ансорийни ва унинг деҳқончиликдаги шеригини ўлдириб кетишди, сўнгра ҳаммалари Маккага қараб қочиб қолишди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бунинг хабари етиб келгач, зудлик билан Абу Суфённинг жамоаси ортидан қувиб чиқдилар. Бироқ, улар катта тезлик билан қочиб қолишган, юкларини енгиллатиш мақсадида ёнларида бўлган кўплаб толқон ва бошқа озуқаларини йўл-йўлакай ташлаб кетишган эди. Шу боис улар қочиб қутулишга муваффақ бўлишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қарқаратул-Кудр деган жойгача бориб, шу ердан орқаларига қайтдилар. Мусулмонлар кофирлар ташлаб кетган толқонларни олиб кетдилар, шунинг учун бу жанг Савиқ (толқон) жанги номини олди. Бу воқеа Бадр жангидан икки ой кейин, 2 - ҳижрийнинг Зул-ҳижжа ойида бўлиб ўтди. Мазкур ғазотда Мадинага Абу Лубоба ибн Абдулмунзирни халифа қилиб кетдилар[10].

 

Зу Амр ғазоти

 

Бу Уҳуд жангидан олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўмондонликлари остида бўлиб ўтган энг катта юриш бўлиб, 3 - ҳижрийнинг муҳаррам ойида бўлди.

Бу жангнинг сабаби шу бўлдики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Бану Саълаба ва Муҳориб қабилалари катта қўшин йиққани ва Мадина атрофларига ҳужум қилмоқчи эканлиги ҳақида хабар етиб келди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонларни жангга сафарбар қилиб, отлиқ ва пиёда бўлиб 450 жангчи билан йўлга отландилар, Мадинага Усмон ибн Аффонни халифа қилиб қолдирдилар.

Йўлда Бану Саълаба қабиласилик Жубор исмли бир кишини қўлга тушириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига келтиришди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни Исломга даъват қилгандилар, у мусулмон бўлди. Шундан сўнг уни Билолга қўшиб қўйдилар, у мусулмонларни душман ерига бошлаб борди.

Душманлар Мадина қўшинининг келаётгани хабарини эшитгач, қочиб тоғларнинг тепаларига тирқираб кетишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўшинлари билан уларнинг қароргоҳлари бўлмиш «Зу Амр» деган жойга етиб келиб, аъробийларга мусулмонларнинг куч-қудратини кўрсатиб қўйиш ва улар дилига қўрқув солиш мақсадида у ерда бир ой – сафар ойи – тўла ёки шунга яқин муддат турдилар, кейин Мадинага қайтдилар.

 

Каъб ибн Ашрафнинг ўлдирилиши

 

Каъб ибн Ашраф Ислом ва мусулмонларга адовати чексиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга озори кучли, у кишига қарши уруш қилишга энг кўп чақирувчи кимса эди.

У Бану Набҳоннинг Той қабиласидан, она тарафидан Бану Назирдан эди. Бой-бадавлат, дабдабага берилган, араблар орасида чиройи билан танилган, шоир киши эди. Қўрғони Бану Назир диёри ортида, Мадинанинг жанубий шарқида жойлашганди.

Унга мусулмонларнинг Бадрда ғалаба қозонишгани ва Қурайш улуғларнинг бошига тушган кўргиликлар хабари биринчи етиб келганида ишонқирамасдан: «Йўғ-е, ростданми?! Улар арабларнинг энг улуғзодалари, одамларнинг подшоҳлари-ку! Худо ҳаққи, агар Муҳаммад шу қавмнинг бошига етган бўлса, у ҳолда ернинг ости устидан яхши бўлиб қолади-ку», деди.

Хабарнинг ростлиги аниқ бўлгач, бу Аллоҳнинг душмани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ва мусулмонларни ҳажв қилишга, уларнинг душманларини мадҳ этишга, уларни мусулмонларга қарши ундашга бел боғлади. Бунга ҳам қаноат қилмай, Маккага бориб, Мутталиб ибн Абу Вадоъа ас-Саҳмийникига тушди ва Бадр қудуғига жо бўлган мушрикларга йиғлаб марсиялар ўқий бошлади. Шундай қилиб у Қурайшнинг ҳали ўчиб улгурмаган алам ўтини қайта ўт олдиришга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган адоват ва нафратларини янгилашга муваффақ бўлди ва уларни у зотга қарши жангга чорлашга ҳаракат қилди. Маккада эканида Абу Суфён ва мушриклар ундан: «Бизнинг динимиз яхшироқми, Муҳаммад ва унинг асҳобларининг диними? Қай биримизнинг йўлимизни тўғрироқ деб ўйлайсан?», деб сўрашганда у: «Сизлар улардан кўра тўғрироқ ва афзалроқ йўлдасиз», деб жавоб берди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло оят ҳам нозил қилган: «Китобдан насибадор бўлган кимсаларнинг бут ва санамларга сиғинаётганларини ҳамда кофир кимсалар ҳақида: «Ўшалар иймон эгалари бўлган мусулмонлардан кўра туғрироқ йўлдалар», деяётганларини кўрмадингизми?» (Нисо: 51).

Сўнг Каъб Мадинага қайтиб келиб, шеърларида саҳобаларнинг аёлларини васфлаб, заҳарли тили билан уларга озор бера бошлади.

Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Каъб ибн Ашрафга талабгор борми? У Аллоҳ ва Расулига озор бермоқда», дедилар. Шунда Муҳаммад ибн Маслама, Аббод ибн Бишр, Абу Ноила – унинг исми Силкон ибн Салома бўлиб, ўзи Каъбнинг эмикдош биродари эди, – Ҳорис ибн Авс ва Абу Абс ибн Жабр бу ишга талабгор бўлиб чиқдилар, гуруҳга Муҳаммад ибн Маслама бош бўладиган бўлди.

Каъб ибн Ашрафнинг ўлдирилиши ҳақидаги ривоятларда келишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Каъб ибн Ашрафга талабгор борми? У Аллоҳ ва Расулига озор бермоқда», деганларида Муҳаммад ибн Маслама ўрнидан туриб: «Мен талабгорман, ё Расулуллоҳ, уни ўлдиришимни истайсизми?», деб сўради. У зот: «Ҳа», дедилар. «Ундай бўлса, менга баъзи бир сўзларни гапиришимга рухсат беринг», деди. «Майли, гапираверинг», дедилар.

Шундан сўнг Муҳаммад ибн Маслама бориб Каъбга: «Бу одам биздан садақа талаб қилавериб қийнаб юборди», деди.

Каъб: «Қасам ичиб айтаманки, ҳали у сизларнинг жонингизга тегиб кетади», деди.

«Биз унга эргашиб қўйганмиз, энди унинг иши то бир ёққа сурилмагунча ташлаб кетолмаймиз. Бизга бир-икки васақ (бир васақ 130 кг) озиқ-овқат қарз бериб турсанг, дегандик», деди Муҳаммад ибн Маслама.

«Майли, гаровга бирон нарсаларингни қўйинглар», деди Каъб.

«Нимани гаровга қўйишимизни истайсан?», сўради Ибн Маслама.

«Аёлларингни гаровга қўйинглар», деди.

«Аёлларимизни сенга қандай ишонайлик, ахир сен араблар ичида чиройинг билан машҳур одам бўлсанг», деди.

«Унда фарзандларингни гаровга қўя қолинглар», деди.

«Йўғ-е, кейинчалик болаларимиз «бир васақ ё икки васаққа гаровга қўйилган» деган иснодни кўтариб юришсинми?! Ундан кўра, агар рози бўлсанг, сенга қуролларимизни гаровга қўяйлик», деди.

Каъб ҳам рози бўлгач, қуролларини келтириб беришга келишишди.

Абу Ноила ҳам худди Муҳамад ибн Маслама каби Каъб ҳузурига келиб, у билан бироз шеърхонлик қилган бўлди, сўнг: «Эй Ибн Ашраф, мен аслида олдингга бир ҳожат билан келганман, бировга айтмасанг айтаман», деди.

«Майли, сўзла», деди Каъб.

«Бу одам бошимизга битган бало бўлди, бизни араблар билан душман қилиб қўйди, энди ҳамма араблар бизга қарши бўлиб қолиб, йўлларимизни тўсиб қўйишди, бола-чақалар оч қолиб, ўзимиз жуда қийналиб қолдик», деди Ибн Ноила. Сўнг ўрталарида худди Муҳаммад ибн Маслама билан бўлгандек суҳбат бўлиб ўтди.

Гап орасида Абу Ноила: «Менинг худди шу фикрда бўлган бошқа шерикларим ҳам бор, уларни ҳузурингга олиб келсам, уларга ҳам шундай яхши муомала қилсанг, дегандим», деди.

Шундай қилиб, Ибн Маслама билан Абу Ноила бу сўзлашувдан кўзда тутган мақсадларига эришишди, яъни Каъбнинг олдига қурол-яроғ ва шериклари билан бемалол келишга замин ҳозирлаб олишди.

Шундан сўнг 3- ҳижрий рабиъул-аввал ойининг 14- кечаси, ойдин тунда ушбу гуруҳ аъзолари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига йиғилишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни Бақийъул ғарқадгача кузатиб бордилар, сўнг: «Аллоҳнинг номи билан йўлга отланинглар, эй Парвардигор, буларга Ўзинг мадад бергайсан», деб, уларга оқ йўл тиладилар. Сўнг уйларига қайтиб, намоз ўқиб, Парвардигорга муножот қила бошладилар.

Гуруҳ Каъб ибн Ашрафнинг қўрғонига етиб келгач, Абу Ноила уни исмини айтиб чақирди. Улар олдига чиқмоқчи бўлиб ўрнидан қўзғолганида яқиндагина уйланган аёли: «Шу бемаҳалда қаерга чиқмоқчисиз?! Бу овоздан қон ҳиди келгандек бўлаяпти» деди. Каъб: «Хавотирланма, булар дўстим Муҳаммад ибн Маслама билан эмикдошим Абу Ноила-ку! Олийжаноб инсон ўлимга чақирилса ҳам йўқ демайди», деди, сўнг бошидан хушбўй ҳидлар таратганича улар олдига чиқиб борди.

Абу Ноила шерикларини аввалдан огоҳлантириб қўйган, «Мен унинг бошидан ҳидлаш баҳонасида сочидан маҳкам ушлаганимда сизлар фурсатни ғанимат билиб, унга ҳужум қиласизлар», деган эди. Каъб улар олдига тушиб келиб, бироз гаплашиб тургач, Абу Ноила унга: «Эй Ибн Ашраф, биргалашиб Ажуз дарасига бориб, ўша ерда гаплашиб ўтирсак, нима дейсан?», деди. «Майли, шуни истасангизлар борақоламиз», деди Каъб, сўнг бирга юриб кетишди. Йўлда кетиб боришаркан, Абу Ноила: «Бугунгидек хушбўй кечани кўрмаганман», деди. Каъб унинг мақтовидан эриб: «Арабнинг энг хушбўй аёлига уйланганман-да», деди. «Изн берсанг, бошингдан бир ҳидласам», деди Абу Ноила. «Майли, ҳидлайқол», деди Каъб. Абу Ноила унинг сочлари орасига қўлини киритиб, бошидан ҳидлади ва шерикларига ҳам ҳидлатди.

Бироз юришгач: «Яна бир ҳидласам майлими?», деб сўради ва унинг розилигини олгач, иккинчи бор ҳидлади. Шу билан Каъб анча хотиржам бўлиб қолди. Яна бироз юришгач: «Яна бир ҳидласам майлими?», деб сўради. «Майли», дегач, қўлини унинг сочлари орасига киритиб, бошидан маҳкам ушлаб олгач: «Уринглар Аллоҳнинг душманини!», деб хитоб қилди. Ҳаммалари унга қилич солишга шошилишди, бироқ зарбалари ўринсиз кетди. Шунда Муҳаммад ибн Маслама ханжарини чиқарди-да, унинг қорнига тиқиб, куч билан пастга қараб тортди. Шундан сўнг Аллоҳнинг душмани ерга йиқилиб, жон берди. Жон аччиғида кўтарган қаттиқ фарёди сасидан чор-атрофдаги қўрғонлар аҳли уйғониб кетиб, ҳамма қўрғонларда гулханлар ёруғи кўринди.

Гуруҳ тезлик билан ортга қайтди. Ҳорис ибн Авсга шерикларидан бирининг қиличи тегиб кетиб, жароҳатлаган экан, қон кетиб, ортда қолиб кетди. Гуруҳ Урайзга етиб бориб қарашса, Ҳорис қолиб кетибди. Ўша ерда унинг етиб олишини кутиб туришди. Етиб келгач, уни кўтариб кетишди. Бақиъул-ғарқадга етиб келишгач: «Аллоҳу акбар» деб такбир айтишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг такбирлари овозини эшитиб Каъбнинг ўлдирилганини билдилар ва у зот ҳам такбир айтдилар. Ҳузурларига етиб келишгач, у зот: «Юзларингиз ёруғ бўлсин!», дедилар. Улар: «Сизнинг юзингиз ҳам, ё Расулуллоҳ!», деб жавоб беришди ва туғёнкорнинг калласини у зотнинг олдига ташлашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ўлими учун Аллоҳга ҳамд айтдилар. Ҳориснинг жароҳатига туфлаб қўйган эдилар, у бутунлай тузалиб кетди ва шундан кейин сира безовта қилмади[11].

Яҳудлар ўз бошлиқлари Каъб ибн Ашрафнинг қатл этилганини билишгач, саркаш дилларига қўрқув оралади ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тинчликка путур етказишни ва беқарорлик чиқаришни истайдиган ҳамда аҳдномаларни назар-писанд қилмайдиган кимсаларга насиҳат фойда бермаслигини кўрсалар, уларга нисбатан куч қўллашдан тўхталиб турмасликларини англаб етишди. Шу боис нафаслари ичида, жим-жим қолаверишни афзал кўришди. Шундан сўнг ўзларини аҳдларга вафо қилаётгандек кўрсатиб юришди. Бошқача қилиб айтганда, заҳарли илонлар инларига кириб яширинишга мажбур бўлишди.

Шундай қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага ташқи тарафдан кутилаётган хавф-хатарларга юзланиш учун бир мунча фурсатга эга бўлдилар, мусулмонлар ҳам ички тарафдан хавф солиб турган ва вақти-вақти билан бадбўй ҳид чиқариб турган ички душман муаммосидан анча-мунча фориғ бўлдилар.

 

Буҳрон ғазоти

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам 300 жангчидан ташкил топган лашкар ҳамроҳлигида 3- ҳижрий рабиъул-охир ойида Ҳижознинг Фуръ тарафидаги Буҳрон деган жойга юриш қилдилар. У ерда рабиъул-охир ва жумодул-уло ойлари ичи туриб, сўнг жангсиз Мадинага қайтиб келдилар[12].

 

Зайд ибн Ҳориса бошчилигидаги сарийя

 

Бу Уҳуд жанггига қадар мусулмонлар олиб борган энг сўнгги ва энг муваффақиятли жанг бўлиб, 3 ҳижрийнинг жумодул-охира ойида бўлиб ўтди. Унинг тафсилоти қуйидагича: Бадр жангидан сўнг Қурайшни безовталик ва беқарорлик эгаллади. Сабаби, ёз фасли келиб, унинг Шомга бўлган тижорат мавсуми яқинлашиб қолганди.

Сафвон ибн Умайя – у Қурайшнинг шу йилги Шомга бўлган тижорат карвонига бошлиқ этиб сайланган эди – Қурайшга деди: «Биласиз, Муҳаммад ва унинг асҳоблари бизнинг савдо йўлимизга эгалик қилиб олишди, соҳил уларнинг назорати остида, соҳилликлар ҳам улар билан сулҳ тузишган ва аксарияти унга тобе бўлиб кетишган. Нима қилишга ва қайси тарафдан йўл олишга бошимиз қотиб қолди. Агар уйимизда ўтираверсак, тез кунда сармоямизни ҳам еб битирамиз. Тириклигимиз эса фақат ёзда Шомга ва қишда Ҳабашистонга бўлган тижоратимизга боғлиқ бўлиб қолган».

Шу ҳақда бўлиб ўтган баҳсу мунозаралар давомида Асвад ибн Абдулмутталиб Сафвонга янги бир йўлни, яъни, соҳил йўлидан бурилиб, Ироқ йўлига ўтиб олишни таклиф қилди. Бу йўл жуда узоқ йўл бўлиб, Шомга бориш учун Наждни босиб ўтишга тўғри келарди ва Мадинанинг шарқий томонидан анча узоқ масофа наридан ўтиб кетиларди. Қурайшга бу йўл тамоман бегона эди. Асвад ибн Абдулмутталиб Сафвонга Бану Бакр қабиласидан бўлган Фурот ибн Ҳайённи ушбу сафарида йўл кўрсатувчи қилиб олишни маслаҳат берди.

Шундай қилиб, Сафвон ибн Умайя бошчилигидаги Қурайш карвони янги йўл орқали сафарга йўл олди. Бироқ, бу карвоннинг хабари ва унинг йўл режаси аллақачон Мадинага етиб борганди. Сабаби, Салит ибн Нўъмон исмли мусулмон шаробхўрлик йиғинида у пайтда ҳали исломни қабул қилмаган Нуъайм ибн Масъуд ал-Ашжаъий билан ўтириб қолди – бу воқеа ҳали маст қилувчи ичимлик ҳаром қилинмасидан илгари эди – ва шунда кайфи ошиб қолган Нуъайм карвон ва унинг йўналиш режасини батафсил гапириб берди. Салит тезлик билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига етиб бориб, бундан у кишини огоҳ қилди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дарҳол Зайд ибн Ҳориса ал-Калбий бошчилигида 100 кишилик қўшин тайёрлаб, йўлга чиқардилар. Зайднинг қўшини тўхтовсиз юриб бориб, карвон Нажд еридаги Қарда номли сувли бир жойда дам олишга тўхтаган пайтда уларни ғафлатда қолдириб, устларига ҳужум қилди ва карвонни тўлалигича қўлга киритди. Сафвон ҳам, карвонни қўриқлаб бораётган бошқа кишилар ҳам бирон қаршилик кўрсатишга қодир бўлмай, зўрға қочиб қутулишди.

Мусулмонлар карвоннинг йўл кўрсатувчиси Фурот ибн Ҳайённи – бир ривоятда яна икки кишини ҳам – асир олишди, карвонда бўлган қиймати юз минглик турли хил идиш ва кумушларни ўлжа қилиб олишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ўлжани – бешдан бирини ажратиб олганларидан сўнг – сарийя аъзоларига тақсимлаб бердилар. Фурот ибн Ҳайён у зотнинг қўлларида мусулмон бўлди.

Бу ҳодиса Бадрдан кейин Қурайш бошига тушган энг катта зарба ва ғоят оғир мусибат бўлди. Бу мусибатдан Қурайш тамомила довдираб қолди ва алами яна ҳам зиёдалашди. Энди унинг олдида фақат икки йўл қолганди: ё манманлик ва кибридан воз кечиб, мусулмонлар билан сулҳ ва тинчлик йўлини танлаши ё эса унга ўзининг эски шавкати ва иззатини қайтариб берадиган, шу билан бирга мусулмонларнинг куч-қудратини бутунлай ер билан яксон қилиб, уларни қайта бош кўтара олмайдиган қилиб қўядиган кенг қамровли уруш йўлини танлаши лозим эди. Макка иккинчи йўлни танлади. Қурайш ичида ўч олишга чақириқлар тобора баландроқ янграй бошлади, мусулмонлар билан тўқнашувга зўр бериб кенг қамровдаги тайёргарлик ишлари бошлаб юборилди.



[1] Кудр – Наждда, Макка билан Шом ўрталиғидаги шарқий тижорат йўли устида жойлашган Бану Сулаймга қарашли сувли ўрин

[2] Зодул-маъод: 2/90, Ибн Ҳишом: 2/43, 44.

[3] Ибн Ҳишом: 1/661-663.

[4] Ибн Ҳишом: 1/555, 556.

[5] Муфассирлар уларнинг бу каби қилмишларини Оли Имрон сураси ва бошқа суралар тафсирида ёритиб берганлар.

[6] Сунан Аби Довуд маъа Авнил-маъбуд: 3/115, Ибн Ҳишом: 1/552.

[7] Ибн Ҳишом: 2/47, 48.

[8] Зодул-маъод: 2/71, 91, Ибн Ҳишом: 2/47-49.

[9] Барид – 12 милга тенг масофа

[10] Зодул-маъод: 2/90, 91, Ибн Ҳишом: 2/444, 45.

[11] Ушбу воқеа тафсилотини Ибн Ҳишом (2/51-57), Саҳиҳул Бухорий (1/341, 425, 2/577), Сунан Абу Довуд (2/42, 43) ва Зодул-маоддан (2/91) олдик.

[12] Ибн Ҳишом (2/50, 51) ва Зодул-маод (2/91). Манбаларда ушбу ғазотнинг сабабларини тайин қилишда ихтилофларга дуч келинди. Улардан бирида айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Бану Сулайм қабиласи Мадинага ёки унинг атрофига ҳужум қилиш учун катта қўшин тўплаётгани хабари етиб келган. Бошқа манбада айтилишича, у зот Қурайшни кўзлаб чиққанлар. Ибн Ҳишом шу кейинги фикрни зикр қилган, Ибн Қаййим ҳам шуни танлаган ва ҳатто биринчи фикр ҳақида оғиз ҳам очмаган.


Qayd etilgan


lolo  24 Noyabr 2009, 06:25:19

УҲУД ҒАЗОТИ

 

Қурайшнинг интиқом жанггига тайёрланиши

 

Бадрда етган мағлубият, аслзода ва раҳбарларининг ҳалокати туфайли Макка мусулмонларга қарши алам ва нафрат ўтида қовурилар, дилларда интиқом ва ўч олиш истаклари жўш урарди. Ҳатто Қурайш ўзлари чекаётган мусибат ва аламнинг оғирлигини мусулмонларга билдириб қўймаслик учун Бадрда ўлдирилган кишиларига овоз чиқариб йиғлашни ҳам тақиқлаб қўйган, мусулмонлар қўлидаги асирларини тўлов эвазига қутқариш учун ҳам шошилмасликка буюрган эди.

Бадр ғазотидан сўнг Қурайш қасос олиш ташналигини қондириш ва аламидан чиқиш мақсадида мусулмонларга қарши кенг кўламда уруш қилишга келишиб олганди, энди у ана шу улкан жанг учун тайёрланишга киришди.

Қурайш раҳбарлари ичида Икрима ибн Абу Жаҳл, Сафвон ибн Умайя, Абу Суфён ибн Ҳарб ва Абдуллоҳ ибн Абу Рабиъалар бундай уруш қилишга энг кўп тарафдор кишилар бўлди.

Бу мақсадда энг биринчи қилган ишлари – Абу Суфён қутқариб қолган ва Бадр урушига сабаб бўлган карвонни тўлалигича ушлаб қолиш бўлди. Ундаги тижорат молларининг эгаларига: «Эй Қурайш жамоаси, Муҳаммад сизларга зулм қилди, энг яхши кишиларингизни ўлдирди, энди унга қарши уруш қилишга мана шу молларингиз билан ёрдам беринглар, шояд шу билан ундан ўчимизни олсак», дейишган эди, улар бунга рози бўлишди. Карвон минг туядан иборат бўлиб, ундаги молларни сотишганда эллик минг динор бўлди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло оят нозил қилган эдики: «Албатта, кофир бўлган кимсалар мол-дунёларини Аллоҳнинг йўлидан тўсиш учун ишлатурлар. Бас, уни сарфлайдилар-у, сўнгра ўша (моллари) ўзларига ҳасрат бўлур, сўнгра мағлуб бўлурлар» (Анфол: 36).

Сўнгра мусулмонларга қарши урушга ўз ҳиссасини қўшишни истаган аҳбошлар (яъни, Макка атрофларидаги тарқоқ қабилалар), Кинона ва Тиҳома аҳли учун ихтиёрий иона қилиш (молиявий ёрдам кўрсатиш) эшигини катта очиб қўйишди ва бунинг учун хилма-хил тарғибот-ташвиқот йўлларини қўллашди. Ҳатто, Сафвон ибн Умайя шоир Абу Иззани – Бадр жанггида асир тушганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат кўрсатиб, ҳеч қандай тўловсиз озод қилган ва у зотга қарши бирон ҳаракатга қўшилмасликка аҳд олган шоирни – ўз шеърлари билан қабилаларни мусулмонларга қарши жангга қўзғотишга ундади ва агар шу жангдан омон қайтса уни бойликка кўмиб юборишини, агар ҳалок бўлса қизларини ўз кафолатига олишини ваъда қилди. Абу Изза ҳамият ва ҳиссиётларни қўзғотувчи шеърлари билан қабилаларни жангга тарғиб қила бошлади. Ундан бошқа, Мусофиъ ибн Абдуманоф исмли яна бир шоирни ҳам бу ишга жалб этдилар.

Абу Суфён ҳам Савиқ ғазотидан ноумид ва мақсадга эришолмай, боз устига йўл озуқаларидан айрилиб қайтганидан сўнг ушбу урушга жон-жаҳди билан тарғиб қиларди.

Бунинг устига, яқингинада Зайд ибн Ҳориса бошчилигидаги сарийяда Қурайш бошига тушган ва иқтисодини синдириб ташлаган қақшатқич молиявий зарба шунингсиз ҳам ёниб турган оловга мой сепгандек бўлди ва Қурайш учун чидаб бўлмас алам-оғриқ келтирди. Шундан сўнг Қурайшнинг мусулмонлар билан ҳал қилувчи жанг қилиш учун тайёргарлиги яна ҳам кучайиб кетди.

 

Қурайш лашкарининг таркиби ва қўмондонлиги

 

Бир йил деганда Макка урушга батамом ҳозир бўлди, унинг қўшини сафига Қурайш ва унинг иттифоқчилари ҳамда аҳбошлардан иборат уч минг жангчи йиғилди. Қурайш раҳбарияти эркаклар орияти қўзғалиши ва ор-номуслари йўлида фидокорлик билан жанг қилишлари учун аёлларни ҳам ўзлари билан бирга олишга қарор қилишди. Лашкар ичида ўн беш чоғли аёл бор эди.

Қўшиннинг ҳаракатланиш қуроллари уч минг туядан, отлиқ бўлинмаси икки юзта отдан[1], ҳимоя қуроллари етти юзта совутдан ташкил топганди. Бош қўмондонлик Абу Суфён ибн Ҳарб зиммасида бўлиб, Холид ибн Валид отлиқ бўлинма қўмондони, Икрима ибн Абу Жаҳл унинг ёрдамчиси этиб тайинланди. Қўшин байроғи Бану Абдуд-Дор уруғи қўлига берилди.

 

Макка қўшини йўлга тушади

 

Мана шундай мукаммал тайёргарликдан сўнг Макка қўшини Мадинага қараб йўлга тушди. Қадимий адоват ва алам туйғуларидан қалбларда ғазаб ва нафрат алангалари тобора гуриллаб борар, бу эса тезда юз беражак аёвсиз жанглардан дарак берарди.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам душманнинг ҳаракат режасини ўрганадилар

 

Аббос ибн Абдулмутталиб Қурайшнинг барча ҳаракатларини ва ҳарбий тайёргарликларини кузатиб борарди. Лашкар йўлга чиққач, Аббос зудлик билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни қўшин ҳақидаги барча тафсилотлардан огоҳ этиб, мактуб йўллади.

Аббоснинг элчиси катта тезликда ҳаракатланиб, Макка билан Мадина ўртасидаги 500 километрга яқин масофани уч кунда босиб ўтди ва мактубни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга топширди, у зот ўша пайт Қубо масжидида эдилар.

Мактубни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Убай ибн Каъб ўқиб эшиттирди. Унга мактуб мазмунини сир тутишни буюрдилар ва дарҳол Мадинага қайтиб, муҳожир ва ансор раҳбарлари билан фикр алмашдилар.

 

Мусулмонларнинг фавқулода ҳолатга тайёрланишлари

 

Мадинада умумий ҳарбий сафарбарлик ҳолати ҳукм сурар, эркаклар ҳар қандай фавқулода ҳолатга тайёр туриш мақсадида ҳатто намозларда ҳам қуролларини қўймаётган эдилар.

Ансорлардан бир гуруҳи – улар ичида Саъд ибн Муоз, Усайд ибн Ҳузайр ва Саъд ибн Убода ҳам бор эди – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни қўриқлаб юришар, тунлари ҳам у зотнинг эшиклари олдидан қимирламасдилар. Ногаҳоний ҳужумнинг олдини олиш мақсадида Мадинанинг барча кириш жойларига қўриқчилар гуруҳи қўйилганди.

Мусулмонлардан тузилган ҳарбий бўлинмалар душманнинг ҳаракат йўналишини ўрганиш мақсадида мушриклар йўл солиши мумкин бўлган барча йўллар атрофида айланиб юрардилар.

 

Макка қўшини Мадинага яқинлашади

 

Макка қўшини одатий йўл бўлмиш асосий ғарбий йўл бўйлаб юришини давом эттириб, Абвоъга етиб келганда Абу Суфённинг аёли Ҳинд бинт Утба ўша ерда бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оналари қабрини очиб ташлашни таклиф қилди, бироқ қўшин раҳбарияти унинг бу талабини рад қилишди ва бундай ишга қўл уришнинг оқибати ёмон бўлиши билан огоҳлантиришди.

Сўнгра қўшин йўлида давом этиб, Мадинага яқинлашди. Ақиқ водийсига етгач, ўнг томонга бурилиб, Уҳуд тоғи яқинига, Мадинанинг шимолий тарафида жойлашган Айнайн деб аталган жойга келиб тўхтади ва ўша ерда лашкаргоҳ (лагер) қурди. Бу ҳижрий учинчи йил шаввол ойининг олтисида, жумъа куни бўлганди.

 

Мудофаа режасини тузиб олиш учун маслаҳат кенгаши

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Макка қўшини ҳақидаги ҳамма хабарлар тўхтовсиз етказиб турилди. Қўшиннинг келиб тушгани ҳақидаги хабарни олганларидан сўнг у зот олий ҳарбий маслаҳатлашув кенгаши ўтказдилар. Унда мавқиф (позиция) танлаш ҳақида фикр алмашув бўлиб ўтди, кўрган бир тушлари ҳақида хабар бериб: «Аллоҳга қасамки, мен бир яхши туш кўрдим. Бир мол (сигир)нинг сўйилганини кўрдим, қиличимнинг тиғида кичик бир синиқни кўрдим, мустаҳкам совут ичига қўл солганимни кўрдим», дедилар. Сигирни бир қанча асҳобларининг қатл қилинишига таъвил қилдилар, қиличларидаги синиқни аҳли байтларидан бир кишининг шаҳид бўлишига таъвил қилдилар, совутни Мадинага таъвил қилдилар.

Сўнг у зот Мадинадан чиқмай, шу ерда ҳимояланиб туриш фикрини ўртага ташладилар. Агар мушриклар келиб тушган жойларида тураверишса, бефойда тураверишади. Агар Мадинага кириб келишса, эркаклар кўчаларнинг бошларида туриб, аёллар эса томлардан туриб улар билан жанг олиб боришади, дедилар. Шу фикр мувофиқ кўрилиб, мунофиқлар бошлиғи Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул ҳам бунга қўшилди, у бу мажлисда Хазраж бошлиқларидан бири сифатида қатнашаётган эди. Бироқ, маълум бўлишича, унинг бу фикрни қўллаб-қувватлаши мазкур фикр ҳарбий жиҳатдан энг тўғри мавқиф бўлгани учун эмас, балки ҳеч кимга билдирмай жангдан узоқлашиш имкони бўлгани учун эди. Бироқ, Аллоҳ таоло уни ва шерикларини илк бор мусулмонлар кўзи олдида шарманда қилишни, уларнинг куфр ва нифоқлари устига ўралиб турган ниқоблари йиртилиб, ҳақиқий башаралари очилиб қолишини ва мусулмонлар энг оғир дамларда ўз қўйинларига кириб олган илонларни таниб олишларини хоҳлади.

Бадрда иштирок этолмаган ва бошқа бир қанча улуғ саҳобалар эса Мадина ташқарисига чиқиб жанг қилиш таклифи билан чиқдилар ва бу фикрларини қаттиқ туриб ҳимоя қилдилар, ҳатто баъзилари: «Ё Расулуллоҳ, биз бу кунни орзиқиб кутаётган ва Аллоҳдан шундай кун келишини сўраётган эдик. Мана, Аллоҳнинг Ўзи уларни бизнинг ҳузуримизга келтириб қўйди. Келинг, душман рўпарасига чиқиб борайлик, улар бизни қўрқоқлик қилди деб ўйлашмасин», дейишди.

Ушбу фидоийлар бошида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амакилари – Бадрда чиройли имтиҳондан ўтган улуғ саҳобий Ҳамза ибн Абдулмутталиб турган эди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Сизга Китоб нозил қилган Зотга қасамки, то Мадина ташқарисида уларга қарши қиличим билан жанг қилмагунча оғзимга таом олмаганим бўлсин», деб қасамёд қилди[2].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу фидоий инсонлар риояси учун ўз фикрларидан қайтдилар ва Мадина ташқарисига чиқиб, душман билан очиқ майдонда жанг олиб боришга қарор қилдилар.

 

Ислом лашкарининг бўлинмаларга бўлиниши ва жанг майдонига чиқиб бориши

 

Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жума куни одамлар билан жумъа намозини ўқидилар, уларга ваъз-насиҳатлар қилиб, ғайрат ва шижоатга чорладилар, ғалаба сабр-матонат билан келишини айтиб, душман билан тўқнашувга тайёр бўлишга амр этдилар. Одамлар у зотнинг сўзларини жон қулоқлари билан тинглаб, хурсандлик билан қабул қилдилар. Сўнг аср намозини жамоат билан ўқидилар. Ҳамма йиғилган, Аволий (Мадинанинг юқори тарафи) аҳолиси ҳам ҳозир бўлган эди. Сўнг у зот икки дўстлари Абу Бакр ва Умар ҳамроҳлигида уйларига кирдилар, улар ёрдамида бошларига салла, энгиларига икки қават совут (зирҳли ҳарбий либос) кийдилар, белларига қилич тақдилар, сўнг шу ҳолда одамлар олдига чиқиб келдилар.

Одамлар у зотнинг чиқишини кутиб турган эдилар. Чунки, Саъд ибн Муоз билан Усайд ибн Ҳузайр уларга танбеҳ бериб: «Сизлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўзлари истамаган ишга – жанг учун Мадина ташқарисига чиқишга мажбур қилдингизлар, ишни у зотнинг ихтиёрларига қўйишларингиз керак эди», дейишган, шу боис ҳаммалари қилган ишларига пушаймон бўлиб туришган эди. У зот чиқиб келгач: «Ё Расулуллоҳ, биз сизнинг фикрингизга қарши чиқмаслигимиз керак эди, сиз истаган иш бўлсин, Мадинада турамиз десангиз, майли, тураверамиз», дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Пайғамбар эгнига совутини кийганидан сўнг энди то Аллоҳ у билан душмани ўртасида ҳукм қилмагунича уни ечиши жоиз бўлмайди», дедилар[3].

Шундан сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўшинни уч гуруҳга бўлдилар:

1) Муҳожирлар гуруҳи, унинг байроғини Мусъаб ибн Умайр ал-Абдарийга бердилар.

2) Ансорларнинг Авс гуруҳи, унинг байроғини Усайд ибн Ҳузайрга бердилар.

3) Ансорларнинг Хазраж гуруҳи, унинг байроғини Ҳубоб ибн ал-Мунзирга бердилар.

Қўшин мингта жангчидан ташкил топган бўлиб, ичларида юзта совут кийган жангчи бор эди. Унинг таркибида битта ҳам отлиқ йўқ эди[4].

Мадинада қолган кишиларга имом бўлиб намоз ўқиб бериш учун Ибн Умму Мактумни халифа қилиб қолдиргач, йўлга чиқишга изн бердилар. Қўшин шимол тарафга қараб қўзғолди. Иккала Саъд Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларида совут кийган ҳолда боришарди.

Вадоъ тепалигидан ўтиб бораётганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яхши қуролланган ва қўшиндан ажралиб турган бир гуруҳга кўзлари тушиб, улар ҳақида сўраган эдилар, улар Хазражнинг иттифоқчилари бўлган яҳудийлар эканини, мушрикларга қарши жангда иштирок этиш истагида чиқишганини айтилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Улар мусулмон бўлдиларми?», деб сўрадилар. «Йўқ», деб жавоб берилди. Шунда ширк аҳлига қарши куфр аҳлининг ёрдамидан воз кечдилар.

 

Қўшинни кўздан кечиришлари

 

Шайхон деб номланган жойга етганларида қўшинни бир сидра кўздан кечириб, ёши кичик ва жанг қилишга қурби етмайди, деб кўрганларини ортга қайтариб юбордилар. Улар ичида Абдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттоб, Усома ибн Зайд, Усайд ибн Зуҳайр, Зайд ибн Собит, Зайд ибн Арқам, Ароба ибн Авс, Амр ибн Ҳазм, Абу Саид ал-Худрий, Зайд ибн Ҳориса ал-Ансорий ва Саъд ибн Ҳаббалар бор эди. Улар ичида Баро ибн Озиб ҳам бўлгани айтилади, бироқ Бароънинг «Саҳиҳул Бухорий»да ривоят қилган ҳадиси унинг ушбу жангда иштирок этганига далолат қилади.

Рофиъ ибн Хадиж билан Самура ибн Жундабга ёшлари кичик бўлишига қарамай жангда иштирок этишга ижозат бердилар. Чунки, Рофиъ ибн Хадиж найза отишга моҳир эди, шунинг учун унга ижозат бердилар. Буни кўрган Самура: «Мен Рофиъдан кучлиман, курашда уни енгаман», деди. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтилгач, у зот иккаласини кураштириб кўрдилар. Дарҳақиқат, Самура курашда Рофиъни енгиб қўйгач, унга ҳам жангда иштирок этишга ижозат бердилар.

 

Уҳуд билан Мадина ўрталиғида тунашлари

 

Шу ерда эканларида кеч кириб, шом намозини ўқидилар. Кейин хуфтон намозини ҳам ўқиб, кечани шу ерда ўтказишга қарор қилдилар. Эллик кишини тун бўйи лашкаргоҳ атрофини айланиб, қўриқлаб чиқишга ажратдилар ва уларга Каъб ибн Ашрафни ўлдириш сарийяси қаҳрамони Муҳаммад ибн Маслама ал-Ансорийни бошлиқ қилиб тайинладилар. Заквон ибн Абдуқайс Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни қўриқлашга бош-қош бўлди.

 

Абдуллоҳ ибн Убай ва унинг шерикларининг исёни

 

Тонг отишига яқин қўшин йўлга тушиб, бир мунча масофани босиб ўтганларидан сўнг бомдод намозини ўқидилар. Душманга анча яқинлашиб қолишган, ҳар икки тараф бемалол бир-бирини кўриб турарди. Шу ҳолда мунофиқ Абдуллоҳ ибн Убай исён кўтарди, «Нега энди ўзимизни ўлимга тутиб беришимиз керак?!» деб, лашкарнинг қарийб учдан бирини – уч юз жангчини – эргаштириб ортига қайтиб кетди ва бу ишига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг фикрини олмасдан, бошқаларнинг фикрига эргашиб кетганини рўкач қилиб кўрсатди.

Шубҳасиз, бу ажралишнинг сабаби у айтаётганидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг фикрини рад қилганликлари эмасди. Акс ҳолда, унинг Мадина қўшинига эргашиб шу ергача келишининг маъноси бўлмасди ва у аллақачон, қўшин йўлга чиқмасиданоқ ажралиб кетган бўларди. Аслида, унинг бу исёндан кўзлаган асосий ғарази – мана шундай таранг бир вазиятда, душманнинг кўзи олдида мусулмон лашкари ичида парокандалик ва саросима пайдо қилиш, қўшиннинг катта қисмини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг итоатларидан юлиб олиш ва у кишининг ёнларида қолган қисмини ҳам руҳий-маънавий тушкунликка тушириш бўлиб, буни кўрган душманнинг руҳияти кўтарилиб, шижаоатига шижоат қўшилишини ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан у зотнинг мухлис асҳобларини осонликча ер билан яксон қилишини, шундан сўнг раҳбарлик яна ўзининг қўлига қайтиши учун қулай фурсат вужудга келишини истаган эди.

Ушбу мунофиқнинг кўзлаган режаси амалга ошишига бир баҳя қолди. Яъни, лашкар ичидан икки жамоа – Авсдан Бану Ҳориса ва Хазраждан Бану Салама саросимага тушиб, ортга қайтмоқчи бўлиб қолишди, бироқ, уларга Аллоҳнинг Ўзи ёр бўлиб, тезда ўзларига келишиб, қадамлари яна қайта мустаҳкамланди. Улар ҳақида Аллоҳ таоло айтади: «Ўша пайт сизларнинг орангиздан икки гуруҳ умидсизликка туша бошлади. Ҳолбуки, Аллоҳ уларга ёр эди. Бас, мўминлар ёлғиз Аллоҳгагина суянсинлар!» (Оли Имрон: 122).

Абдуллоҳ ибн Ҳаром – Жобир ибн Абдуллоҳнинг отаси – бу мунофиқларга шундай қалтис вазиятда бундай иш тутиш хато бўлишини эслатиб, ортларидан бориб, уларга танбеҳ бера ва ортга қайтишга ундай бошлади, «Бундай қилманглар, келинглар, Аллоҳнинг йўлида жанг қилинглар ёки ҳеч бўлмаса сонимизни кўпайтириб, душманни даф қилиб туринглар», деди. Улар унга жавобан: «Агар сизларнинг жанг қила олишингизни билсак, ортга қайтиб кетмаган бўлардик», дейишди. Шундан сўнг Абдуллоҳ ибн Ҳаром: «Аллоҳ сизларни узоқ қилсин! Тезда Аллоҳ ўз пайғамбарини сизлардан беҳожат қилади!» деганича ортига қайтди.

Бу мунофиқлар ҳақида Аллоҳ таоло шундай дейди: «Уларга: «Келинглар, Аллоҳ йўлида жанг қилинглар ёки (ҳеч бўлмаса бизнинг саноғимизни кўпайтириш билан душманни) даф қилинглар», дейилса, «Агар жанг бўлишини аниқ билганимизда-ку сизларнинг ортингиздан борган бўлар эдик», дейишади. Ўша куни улар иймондан кўра куфрга яқинроқ эдилар. Улар оғизда кўнгилларида бўлмаган нарсаларни гапирмоқдалар. Аллоҳ эса уларнинг яширган сирларини жуда яхши билувчидир» (Оли Имрон: 167).

Қўшиннинг қолган қисми Уҳуд сари йўл олади

 Ушбу исён ва ажралишдан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўшиннинг қолган қисми – етти юз жангчи – билан душман томон йўлни давом эттирдилар. Мушрикларнинг қароргоҳи мусулмонлар билан Уҳуд ўртасидаги минтақаларда жойлашган бўлиб, уларни Уҳуд яқинига етиб боришлари йўлини тўсиб турарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким бизни энг яқин йўл билан душманга йўлиқтирмай Уҳудга олиб чиқа олади?», дедилар. Абу Хайсама: «Мен олиб чиқаман, ё Расулуллоҳ», деди, сўнг мушриклар қўшинини чап тарафда қолдириб, Уҳудга Бану Ҳориса қабиласининг экинзорлари оралаб ўтиб борувчи энг яқин йўлга бошлади.

Мазкур йўл Мирбаъ ибн Қайзий номли кўзи ожиз бир мунофиқнинг бўстони оралаб ўтар эди. Бу кимса қўшин дарагини билгач, мусулмонлар юзига тупроқ соча бошлади ва: «Агар Аллоҳнинг элчисиман десанг, бўстонимга қадам босишингга изн бермайман», деди. Уни ўлдиришга чоғланишган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ўлдирманглар, майли, бунинг кўзигина эмас, қалби ҳам кўр экан», дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам йўлда давом этиб, Уҳуд тоғи остидаги бир дарага, водийнинг бир чеккасига тушдилар, қўшинни Мадина тарафига юзлантириб, орқасини тоғ томонга қилиб лашкаргоҳ қилдилар. Шунга кўра, душман қўшини мусулмонлар билан Мадина ўртасини ажратиб турадиган бир кўриниш ҳосил бўлди.

 

Мудофаа режаси

 

Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам лашкарни сафларга териб, жангга ҳозирлай бошладилар. Қўшин ичидан уста камончилардан ташкил топган эллик кишилик бир гуруҳни ажратиб, уларга Абдуллоҳ ибн Жубайр ибн Нўъмон ал-Ансорий ал-Авсий ал-Бадрийни бошлиқ қилиб тайинладилар ва уларга Қанот водийсининг шимолий тарафидаги, мусулмон лашкаргоҳининг жанубий шарқий томонида, лашкаргоҳдан юз эллик метрча узоқликда жойлашган бир тоғ устига – кейинчалик бу тоғ «Жабал ар-румот» (камончилар тоғи) номини олди – чиқиб ўрнашиб олишни буюрдилар.

Бундан кўзда тутилган мақсад Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг камончиларга айтган сўзларида мужассам бўлганди, у зот уларнинг бошлиқларига шундай дегандилар: «Душман отлиқларини биздан камонлар билан қайтариб турасиз, улар орқа томонимиздан келиб қолишмасин. Жанг бизнинг фойдамизга ҳал бўлса ҳам, зараримизга ҳал бўлса ҳам ўрнингиздан қимирламай туринг, сиз турган томондан ҳужумга дучор бўлиб қолмайлик»[5]. Камончиларга шундай дедилар: «Орқамизни ҳимоя қилиб туринглар! Бизни ўлдираётганларини кўрсангиз ҳам ёрдамга шошилманглар! Ғанимат олаётганимизни кўрсангиз ҳам бизга шерик бўлишга шошилманглар!»[6] Бухорий ривоятида: «Агар (ўлаксахўр) қушлар бизга чанг солаётганини кўрсангизлар ҳам то мен ўзим одам жўнатмагунимча мана шу жойингиздан қимирламанглар! Агар қавмни мағлуб этиб, ер билан яксон қилганимизни кўрсангизлар ҳам то ўзим одам юбормагунимча ўрнингиздан қимирламанглар!», дедилар[7].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу гуруҳни мана шундай ҳарбий буйруқлар билан тоққа жойлаштириш орқали мушрикларнинг отлиқ аскарлари мусулмонларнинг орқа томонидан суқулиб кириб, уларни ўраб олиши мумкин бўлган ягона очиқ жойни беркитган эдилар.

Қўшиннинг қолган қисмини қуйидагича жойлаштирдилар: ўнг қанотга Мунзир ибн Амрни, чап қанотга Зубайр ибн Аввомни қўйдилар, унга Миқдод ибн Асвад кўмак бериб турадиган бўлди. Зубайрга Холид ибн Валиднинг отлиқ аскарларига қаршилик кўрсатиш вазифаси юкланганди. Олдинги қаторга мард ва жасурлик билан донг таратган, минглаб кишиларга бас келувчи баҳодир инсонлардан ташкил топган мумтоз бир жамоани қўйдилар.

Бу ҳар томонлама пухта ва ғоят донолик билан ишлаб чиқилган режа бўлиб, унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳарбий бошқарувчилик маҳоратлари яққол кўриниб турарди. Ҳар қанча маҳорат эгаси бўлмасин, бошқа бирон қўмондон бундан кўра пухтароқ ва тўғрироқ режа ишлаб чиқа олмаган бўларди. У зот жанггоҳга душмандан кейин келиб тушган бўлишларига қарамай, жанг учун энг қулай ва афзал ўринни танлай билдилар, орқа ва ўнг томонларини баланд тоғлар ҳимоя қилиб турарди, жанг қизғин палласига кирган пайтда душман ёпирилиб келиши мумкин бўлган орқа томондаги ягона туйнукни тўсиш билан чап ва орқа томонларини ҳимоя қилдилар. Лашкаргоҳлари учун баландлик жойни танладилар. Боиси, мусулмонлар чекинишларига тўғри келиб қолса, ўша тепаликка чиқиб оладилар, атрофга тумтарақай қочиб, қувиб келаётган душман зарбасига дучор бўлишдан ва асирга тушишдан қутулиб қоладилар. Шу билан бирга душман агар мусулмонлар лашкаргоҳини қўлга киритиш мақсадида бостириб келса, катта талафот кўришга мажбур бўлади.

Душманни эса мабодо ғалабага эришган тақдирида ҳам ғолиблик нашъасидан тўла-тўкис фойдаланиши жуда ноқулай бўлган, ғалаба мусулмонлар томонида бўлганда эса мусулмонларнинг таъқибидан қочиб қутулишлари жуда қийин бўлган пастқам жойни қабул қилишга мажбур қилдилар. Ундан ташқари, лашкарнинг сон жиҳатидан бўлган камчилигини шерюрак ва баҳодир саҳобаларидан ташкил топган мумтоз жамоани олдинги сафларга қўйиш билан қопладилар.

Шундай қилиб, қўшин учинчи ҳижрий шаввол ойининг еттинчиси, шанба куни тонгида жангга тахт ҳолга келтириб қўйилди.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўшинни жасоратга чорлайдилар

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўшинни то ўзлари буюрмагунларича жанг бошлашдан қайтардилар. Ҳарбий либосларини кийиб, асҳобларини жангга тарғиб қилдилар, душман билан тўқнашганда сабр-матонат кўрсатишга ундадилар, асҳобларини шижоат ва жасоратга илҳомлантира бошладилар. Кескир қилични қинидан суғуриб: «Ким шу қилични ҳаққини адо этиш шарти билан олади?», деб хитоб қилдилар. Бир неча киши уни олиш учун ўрнидан қўзғолди, улар ичида Алий ибн Аби Толиб, Зубайр ибн Аввом, Умар ибн Хаттоблар бор эди. Абу Дужона Симок ибн Хараша у зотнинг ёнларига бориб: «Унинг ҳаққини қандай адо этиш мумкин, ё Расулуллоҳ?», деб сўради. «То эгилиб кетгунича душман юзига уриш билан», деб жавоб бердилар. «Унда мен унинг ҳаққини адо этаман ё Расулуллоҳ!», деди у. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қилични унга бердилар.

Абу Дужона жангга кирганда ҳеч кимни назар-писанд қилмайдиган қўрқмас инсон эди. Унинг қизил пешонабоғи бўлиб, агар уни пешонасига боғлаб олса, то ўлгунимча урушаман, деган маънони билдирарди. Қилични Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қабул қилиб олгач, у ўша пешонабоғни боғлаб олиб, икки саф оралиғида кибру-ҳаво билан юра бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буни кўриб: «Бу юришни шу каби ўриндан бошқа жойда Аллоҳ ёқтирмайди», дедилар.

 

Макка қўшинининг жангга тайёргарлиги

 

Мушриклар эса қўшинни сафлар тартибига кўра тузишди. Бош қўмондон Абу Суфён Сохр ибн Ҳарб қўшиннинг марказини эгаллади, ўнг қанотга Холид ибн Валидни, чап қанотга Икрима ибн Аби Жаҳлни қўйди, пиёдаларга Сафвон ибн Умайя, найзабозларга эса Абдуллоҳ ибн Абу Рабиъа бош бўлди.

Байроқ Бану Абдуддор қавмига берилди, чунки байроқдорлик вазифаси – китобнинг бошида айтиб ўтганимиздек – Абдуманоф Қусой ибн Килобдан мерос қолган мансабларни тақсимлаганида Бану Абдуддор чекига тушган, ўшандан бери аждодлар анъанасига содиқ қолишиб, ҳеч бир қавм улардан бу мансабни талашишга ҳақли саналмасди. Шундай бўлса-да, бош қўмондон Абу Суфён Бадр жангида Қурайш қўшинининг байроқдори Назр ибн Ҳорис асирга тушгач, қўшин бошига келган кўргилик ҳақида гапириб, Бану Абдуддорнинг қонини қайнатиш ва ҳамиятини қўзғотиш мақсадида уларга: «Эй Бану Абдуддор, Бадр куни байроқни сизларга бериб қўйиб, бошимизга нима кўргиликлар келганини кўрдингиз, душман биринчи бўлиб байроқ томонга қараб интилади, агар байроқ йиқилса, қўшин пароканда бўлиб кетади. Шундай экан, қўлингиздан келса байроқни олинглар, бўлмаса қўйинглар, ўзимиз унга кифоя қиламиз», деди.

Абу Суфённинг ўқи нишонга бориб тегди, Бану Абдуддор унинг сўзларидан қаттиқ ғазабланиб, ёқасидан олишга яқин бўлди, «Ҳали биз байроғимизни сенга бериб қўярканмизми?! Эртага душман билан тўқнашган пайт бизнинг кимлигимизни билиб оласан!», деб тўполон кўтаришди. Дарҳақиқат, улар жангда қаттиқ матонат кўрсатишиб, битта ҳам қолмай ҳаммаси ҳалок бўлиб кетишди.

 

Қурайшнинг сиёсий найранглари

 

Жанг бошланишига оз қолганда Қурайш мусулмонлар сафлари ичида бўлиниш ва низо келтириб чиқаришга уриниб кўрди. Абу Суфён ансорларга одам юбориб: «Қавмдошимиз билан бизнинг ўртамизни холи қўйинглар, биз сизларга тегмаймиз, сизлар билан жанг қилиш бизга зарур эмас», деб айттирди. Лекин тоғлар ҳам бас келолмайдиган мустаҳкам иймон олдида бу каби уринишлар нима ҳам қила оларди?! Ансорлар унга жуда қўпол суратда, хунук сўзлар билан жавоб беришди.

Иккала қўшин бир-бирига яқинлашиб, жанг бошланишига саноқли дақиқалар қолганда Қурайш айни мақсад йўлида яна бир уринишга қўл урди. У Абу Омир ал-Фосиқ номли – асли исми Абду Амр ибн Сойфий бўлиб, ар-Роҳиб деб аталар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни ал-Фосиқ деб атагандилар – бир хоинни ансорлар ёнига жўнатди, у жоҳилият пайтида Авснинг раҳбарларидан бўлиб, Мадинага Ислом келгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга адоват йўлини танлаган, Мадинадан чиқиб кетиб, Қурайшга бориб қўшилган ва уларни тинмай Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарши урушга гижгижлар, Қурайшни: «Қавмим мени кўрса, сўзимни қабул қилиб, жангдан чиқиб кетади», деб ишонтириб келарди. У қавмига ўзини танитиб: «Эй Авс жамоаси, мен Абу Омирман», деб қичқирган эди, улар: «Аллоҳ кўзингни кўр қилсин, эй фосиқ!», деб жавоб беришди. Шундан сўнг у: «Қавмимга мендан сўнг ёмонлик етибди», деб ноумид ортига қайтди, жанг бошлангач эса улар билан қаттиқ урушди, уларга тошлар улоқтирди.

Шундай қилиб, Қурайш иймон аҳлининг сафларини бўлиб ташлаш мақсадида уюштирган иккинчи уриниш ҳам чиппакка чиқди. Унинг бу уринишлари сон ва қурол-аслаҳа жиҳатидан устун бўлишига қарамай, мусулмонлардан қаттиқ ҳайиқаётганига ва дилларида кучли қўрқув борлигига далолат қиларди.

 

Қурайш аёлларининг тарғибот-ташвиқот ҳаракатлари

 

Қурайш аёллари ҳам Абу Суфённинг аёли Ҳинд бинт Утба бошчилигида жангга етарлича ҳисса қўшишга уриндилар. Улар сафлар орасида айланиб юришар, чилдирмаларини чалиб, эркакларни жангга чорлаб қўшиқлар айтишар, уларнинг руҳиятини кўтаришга, шижоатларига шижоат қўшишга ҳаракат қилишар, ҳамиятларини қўзғатувчи, уруш ва жанг кишиларининг жанговор туйғуларини ҳаракатга келтирувчи шеърлар ўқишарди. Улар гоҳо байроқдорларга қарата:

«Олға, Бану Абдуддор!

Сиз қўшинга байроқдор,

Душманни қилинг абгор!», деб хитоб қилишар, гоҳ қавмларини жангга чорлаб:

«Гар ғолиб бўлсангиз қучоқ очамиз,

 Пойингизга алвон гуллар сочамиз.

Ортга чекинсангиз, минг лаънат ўқиб,

Юз кўришмас бўлиб сиздан қочамиз» дея шеърлар ўқишарди.

 

Жангнинг бошланиши

 

Ҳар икки гуруҳ бир-бирига яқинлашиб, жанг онлари етиб келди. Жангни биринчи бўлиб мушрикларнинг байроқдори Талҳа ибн Аби Талҳа ал-Абдарий бошлаб берди. У Қурайшнинг энг баҳодир суворийларидан бўлиб, мусулмонлар уни «лашкарнинг қўчқори» деб аташганди. У туяга миниб, ўртага чиқиб келди ва мубораза (яккама-якка олишув)га чақирди. Одамлар унинг шижоатидан бироз ҳайиқиб, олишувга чиқишдан тўхталиб туришди. Шунда Зубайр ибн Аввом у билан олишувга чиқиб борди ва шердек отилиб, унинг туясига миниб олди, сўнг уни ерга улоқтириб, қиличи билан бошини танидан жудо қилди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ажойиб олишувни кўриб, такбир айтиб юбордилар, мусулмонлар ҳам Зубайрга тасанно айтиб, такбир айтишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳар бир пайғамбарнинг ўз ҳаворийси (ёрдамчиси) бўлади, менинг ҳаворийим Зубайрдир», дедилар[8].

 

Байроқ атрофида оғир жанг бўлиб ўтиши ва байроқдорларнинг қирилиб кетиши

 

Шундан сўнг уруш олови гуруллаб, гуруҳлар ўртасида майдоннинг ҳар бир нуқтасида шиддатли жанг бошланиб кетди. Жангнинг асосий оғирлиги мушрикларнинг байроғи атрофида кечди. Бану Абдуддор қавми ўз бошлиқлари Талҳа ибн Аби Талҳа ўлдирилгач, байроқни бирин-кетин қабул қилиб ола бошлади. Аввал унинг укаси Абу Шайба Усмон ибн Талҳа байроқни қўлига олиб:

«Байроқдорга ўзга йўл йўқ, фақат жанг!

Ё ўлар, ё душман ҳолин қилар танг!», деганча жангга отилди.

Шунда Ҳамза ибн Абдулмутталиб унга ҳамла қилди ва қиличи билан елкасига зарб билан уриб, қўли билан бирга елкасини ҳам чопиб, киндигигача ёриб юборди ва унинг ўпкаси очилиб қолди.

Сўнгра байроқни Абу Саъд ибн Аби Талҳа қўлга олди. Саъд ибн Аби Ваққос отган камон ўқи унинг бўғзига тегиб, тили осилиб қолди ва ўша заҳоти жон берди. Баъзи ривоятларда: «Абу Саъд муборазага чорлаб ўртага чиққан, шунда Алий ибн Аби Толиб унга талабгор бўлиб чиқиб, ўлдирган», ҳам дейилади.

Ундан сўнг байроқ Мусофиъ ибн Талҳа ибн Аби Талҳанинг қўлига ўтди. Осим ибн Собит ибн Аби Афлаҳ отган ўқ уни ҳам ер тишлатди. Ундан сўнг байроқни унинг укаси Килоб ибн Талҳа ибн Аби Талҳа қўлга олди, Зубайр ибн Аввом у билан олишиб, охири уни қатл қилди. Ундан сўнг байроқ уларнинг яна бир инилари Жулос ибн Талҳа ибн Аби Талҳанинг қўлига қолди, у Талҳа ибн Убайдуллоҳнинг найзаси зарбидан жон берди. Баъзилар уни Осим ибн Собит Ибн Аби Афлаҳ камон ўқи отиб ўлдирган, ҳам дейишади.

Бу олти нафар жангчининг ҳаммаси битта хонадондан, Абу Талҳа Абдуллоҳ ибн Усмон ибн Абдуддор хонаданидан эди. Уларнинг барчаси мушрикларнинг байроғи остида ўдирилди.

Улардан сўнг байроқни Бану Абдуддор қавмининг бошқа бир вакили Артот ибн Шураҳбил қўлга олди, уни Алий ибн Аби Толиб ўлдирди, Ҳамза ибн Абдулмутталиб ўлдирганлиги ҳам айтилади. Сўнг байроқни Шурайҳ ибн Қориз қўлга олди, уни Қузмон – ўзи мусулмон бўлмаган, балки ҳамият қилиб мусулмонлар сафида урушга чиққан мунофиқ – ўлдирди. Ундан сўнг байроқни Абу Зайд Амр ибн Абдуманоф ал-Абдарий қўлга олди, уни ҳам Қузмон ўлдирди. Ундан сўнг уни Шураҳбил ибн Ҳошим ал-Абдарийнинг бир ўғли қўлга олди, уни ҳам Қузмон ўлдирди.

Бу ўнта байроқдор Бану Абдуддор қавмидан бўлиб, битта ҳам қолмай ҳаммаси ҳалок бўлди. Шундан сўнг ушбу қавмдан ҳеч ким қолмагач, байроқни уларнинг Суоб номли бир ҳабаш хизматкорлари қўлга олди. У ўзидан олдин ўлдирилган байроқдор хожаларидан ҳам ўтказиб шижоат ва сабот билан урушди, қилич зарбидан қўллари узилиб кетгач, чўккалаганича байроқни бўйни билан қисиб, то ўлгунича ана шу ҳолда тик тутиб турди. Охирги дамларида ҳалок бўлар экан: «Эй тангрим, мен маъзур бўлдимми?», деганича йиқилди.

Мана шу ҳабаш бола ўлдирилгандан сўнг байроқ ерга қулади. Уни кўтаргани одам топилмай, шу кўйи оёқ остида қолиб кетди.

 

Урушнинг бошқа нуқталаридаги аҳвол

 

Жангнинг бутун оғирлиги байроқ атрофида кечиб турган пайтда майдоннинг бошқа нуқталарида ҳам жанг кучайгандан кучайиб борарди. Мусулмонларнинг сафлари узра иймон руҳи ҳукм сурар, улар мушриклар устига тўғонларни бузиб бораётган тошқин дарё каби шиддат билан бостириб борарканлар: «ўлдир, ўлдир!» деб такрорлашар, бу сўз уларнинг Уҳуд кунги шиорлари бўлганди.

Абу Дужона бошига қизил боғичини боғлаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан олган қиличини маҳкам тутганича, унинг ҳаққини адо этиш мақсадида жангга шўнғиб кетганди. У дуч келганки мушрикни қўймай ўлдирар, мушрикларнинг сафларини ағдар-тўнтар қилиб юрарди.

Зубайр ибн Аввом айтади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қилични менга беришларини сўраганимда бермасдан уни Абу Дужонага берганларида хафа бўлган ва ичимда: «Мен у зотнинг аммалари Софиянинг ўғли бўлсам, ўзим Қурайшдан бўлсам-у, қилични сўраб олдиларига борсам, менга бермадилар-да, мендан кейин сўраб борган шу одамга бердилар. Қани, кўрамиз, нима ҳунарлар кўрсатаркин», деган эдим. Шундан сўнг уни кузата бошладим. У бир қизил пешонабандни олиб, уни пешонасига танғиб олганида ансорлар: «Абу Дужона ўлим боғичини бошига боғлади», дейишди. Шундан сўнг у қуйидаги шеърни ўқиганича жангга шўнғиб кетди:

Дарада аҳд бердим халилимга ман

Тоабад олдинги сафда туришга.

Аллоҳу расулин қиличи билан

Душманга аёвсиз зарба уришга.

Шундан сўнг у дуч келган мушрикни қўймай ўлдира бошлади. Мушриклар ичида бир киши бизнинг жароҳатланган бирон кишимизни қўймай, саранжомлаб қўяётган эди. Абу Дужона билан ўша одам бир-бирига яқин келиб қолишди. Мен Аллоҳдан у иккисини бир-бирига учраштириб қўйишини сўраб дуо қилдим. Иккаласи тўқнашиб, бир-бирига бир-икки зарба уришга ҳаракат қилишди. Мушрик Абу Дужонага қилич урган эди, у қалқони билан тўсди. Шунда қалқон унинг қиличини тишлаб қолди. Абу Дужона фурсатдан фойдаланиб, бир зарб билан мушрикни ер тишлатди[9].

Сўнг Абу Дужона яна сафлар оралаб, учраганни қиличдан ўтказиб бора туриб, аёл кишилигини билмаган ҳолда Қурайш аёлларининг етакчисига дуч келиб қолди. Абу Дужонанинг ўзи ҳикоя қилади: «Бир одамни кўрдимки, ҳаммани қаттиқ туриб жангга чорлаб юрибди. Шаҳд билан ёнига бориб, боши узра қиличимни кўтарган эдим, бирдан чинқириб юборди. Қарасам, аёл киши экан. Шунда аёл кишини ўлдириш билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қиличлари ҳурматини кетказишни истамадим».

Ўша аёл Ҳинд бинт Утба эди. Зубайр ибн Аввом айтади: «Мен Абу Дужонанинг Ҳинд бинт Утбанинг боши узра қилич кўтарганини, кейин уни қайтариб олганини кўриб: «Аллоҳ ва Расули билувчироқ», дедим»[10].

Ҳамза ибн Абдулмутталиб ҳам ғазабланган шердек ҳамла қиларди. У мисли кўрилмаган хавф-хатарлар остида мушриклар қўшинининг қоқ ўртасига кириб борар, не-не паҳлавонлар унинг зарбаларидан шамол силкитган дарахт барглари мисол тўкилиб қолаётган эди. У мушриклар байроқдорларининг ҳалок этилишида фаол иштирок этиши билан бир қаторда уларнинг бошқа паҳлавонларининг ҳам роса адабини берди. Пировардида урушнинг олдинги қаторида эканида ҳалок этилди, юзма-юз олишувда бирон баҳодир жангчи тарафидан эмас, балки билдирмасдан берилган хиёнаткорона зарба оқибатида ерга қулади.

 

Аллоҳнинг шери Ҳамза ибн Абдулмутталибнинг ўлдирилиши

 

Ҳамзанинг қотили Ваҳший ибн Ҳарб ҳикоя қилади: «Мен Жубайр ибн Мутъимнинг қули эдим. Унинг амакиси Туайма ибн Адий Бадр куни ҳалок бўлганди. Қурайш Уҳудга йўл олаётганида Жубайр менга: «Амакимнинг қасосига Муҳаммаднинг амакиси Ҳамзани ўлдирсанг, озодсан», деди. Шундан сўнг мен ҳам одамлар орасида жангга бордим. Ҳабаш бўлганим учун ҳар бир ҳабаш каби найза отишни яхши ўзлаштирган ва нишонни уришда камдан-кам хато қилар эдим. Жанг бошлангач, менинг ишим фақат Ҳамзани кузатиш ва қулай фурсат кутиш бўлди. Мен уни одамлар ичида худди нортуядек савлат тўкиб юрганини, ҳамма унинг олдидан тумтарақай қочиб, ҳеч ким унга бас келолмаётганини кўриб турдим. Худо ҳаққи, мен уни ўлдириш учун фурсат пойлаб, бирон дарахт ё тош ортига беркиниб турар ва яқинроқ келишини кутардим. Тўсатдан менга яқин бир жойда Сибоъ ибн Абдул-уззо пайдо бўлди. Ҳамза уни кўргач: «Бери кел, эй хатначи хотиннинг боласи!», деб қичқирди – унинг онаси аёлларни хатна қиларди – ва бир зарб билан калласини учириб юборди.

Худди шу пайт найзамни ўқталиб, уни нишонга ола бошладим ва қулай фурсат келиши билан унга қараб отдим, найза унинг қорнидан пастроғидан кириб, оёқлари орасидан чиқди. У мен томонга қараб интилди, бироқ жароҳати бунга йўл бермади. Мен уни ўлгунича кутиб турдим-да, сўнг бориб, найзамни суғуриб олдим. Кейин лашкаргоҳга қайтиб бориб, ўша ерда ўтирдим. Чунки, энди менинг бошқа ишим қолмаган эди, мен уни фақат озод бўлиш учун ўлдирган эдим. Дарҳақиқат, Маккага қайтгач, озод этилдим»[11].

 

Устунликни тўла қўлга киритиш

 

Аллоҳ ва расулининг шери Ҳамза ибн Абдулмутталибнинг ўлдирилиши билан мусулмонлар улкан йўқотишга дучор бўлишларига қарамай, жангда тўла устунликни ўз қўлларида сақлаб қолдилар. Шу куни Абу Бакр, Умар ибн Хаттоб, Алий ибн Аби Толиб, Зубайр ибн Аввом, Мусъаб ибн Умайр, Талҳа ибн Убайдуллоҳ, Абдуллоҳ ибн Жаҳш, Саъд ибн Муоз, Саъд ибн Убода, Саъд ибн Рабиъ, Анас ибн Назр ва бошқаларнинг жангда кўрсатган афсонавий қаҳрамонликлари мушрикларнинг қатъиятларини синдириб, билак кучларини заифлаштириб юборди.

 

Аёл қучоғидан қиличлару қалқонлар бағрига

 

Ўша кунги тенгсиз баҳодирлардан яна бири Ҳанзала ал-Ғасил[12], яъни Ҳанзала ибн Аби Омир бўлиб, у – бироз юқорироқда баён қилиб ўтганимиз – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фосиқ деб атаган Абу Омир роҳибнинг ўғли эди. Ҳанзала янги уйланган ва эндигина чимилдиққа кирган бўлиб, жарчининг урушга чорловчи овозини эшитган заҳоти келинчакнинг оғушидан суғурилиб, тўппа-тўғри жиҳодга жўнаб кетганди. Жанг майдонида мушриклар билан тўқнашгач, сафларни ёриб ўтиб, тўппа-тўғри мушрикларнинг бош қўмондони Абу Суфён ибн Ҳарб қаршисига етиб борди ва уни ўлдиришига бир баҳя қолганида шаҳидликка эришди. У Абу Суфёнга ҳамла қилиб, ундан устун келиб турган пайтида Абу Суфёнга ёрдамга етиб келган Шаддод ибн Авс томонидан қатл этилди.

 

Камончилар гуруҳининг жангга қўшган ҳиссалари

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тоғ устига жойлаштирган камончилар гуруҳи ҳам уруш чамбараги мусулмон қўшин фойдасига айланишига жуда катта ҳисса қўшди. Маккаликларнинг Холид ибн Валид бошчилигидаги отлиқ аскарлари Абу Омир Фосиқ (бошчилигидаги гуруҳ) кўмагида исломий лашкарнинг чап қанотини ёриб киришга уриниб, уч бора ҳужум уюштирдилар. Улар бу билан мусулмонларнинг орқа томонидан бостириб келиб, сафлари ичида парокандалик пайдо қилишни ва шу билан уларни қақшатқич мағлубиятга дучор қилишни кўзлаган эдилар. Лекин, камончилар улар устига ўқ ёғдириб, учала ҳужумларини ҳам бартараф этишга муваффақ бўлдилар[13].

 

Мушрикларга мағлубият келади

 

Урушнинг даҳшатли тегирмон тоши ана шу тариқа айланиб, кичиккина исломий қўшин майдоннинг барча нуқтасида тўла устунликни ўз қўлида сақлаб турди. Бу ҳолат мушрикларнинг энг баҳодир жангчиларини ҳам саросимага тушириб қўйди, уларнинг сафлари ўнгу-сўлидан, олдию-орқасидан тумтарақай бўлиб сочилиб кета бошлади. Гўё уч мингта мушрик бир неча юз эмас, балки ўттиз мингта мусулмонга тўқнашгандек эди. Мусулмонлар жасорат ва иймоннинг энг ёрқин кўринишларини намоён этдилар.

Қурайш мусулмонларнинг ҳужумини қайтариш учун бор имкониятини сарфлагач, ўзининг бунга ожиз ва кучсизлигини тан олди ва ғайрат-шижоати батамом сўнди. Ҳатто, Суоб ўлдирилганидан сўнг ерга қулаган байроққа яқинлашишга, уни баланд кўтариб жангчиларнинг бошини бир жойга қовуштиришга журъат қилувчи одам топилмади. Оқибатда қўшин чекинишга ва қочишга тушди. Қасос ва интиқом олиш, мусулмонларни янчиб ташлаб, ўз иззат ва шарафларини қайтариб олиш ҳақидаги чақириқлар барчаси унутилди.

Ибн Исҳоқ айтади: Сўнг Аллоҳ таоло мусулмонларга Ўз нусратини нозил қилди, уларга берган ваъдаси устидан чиқди, улар душманларини қиличдан ўтказдилар ва уларни жанггоҳдан суриб чиқардилар, мушрикларнинг мағлубияти ҳақида шак-шубҳа қолмади.

Абдуллоҳ ибн Зубайр отаси Зубайр ибн Аввомдан ривоят қилади: «Аллоҳга қасамки, мен Ҳинд бинт Утба ва дугоналарининг ҳеч нарсага қарамай, жон ҳолатда қочишларини, этакларини кўтариб олишганидан болдирлари очилиб қолганини кўриб турардим»[14].

«Саҳиҳул Бухорий»да Бароъ ибн Озибнинг ҳадисида келади: «Душман билан тўқнаш келганимизда улар қочишди, ҳатто мен аёлларнинг жон ҳолатда тоққа чиқиб боришларини кўрдим, улар болдирларини очиб олишган, халхоллари (оёқларидаги тақинчоқлари) кўриниб турарди»[15]. Мусулмонлар мушриклар ортидан қувиб, уларни қиличдан ўтказишар ва ўлжаларни қўлга киритишарди.

 

Камончиларнинг қўпол хатоси

 

Камсонли исломий қўшин Маккаликлар устидан иккинчи бор, гўзалликда Бадрдаги ғалабадан асло қолишмайдиган улкан ғалабага эришиб турганларида камончилар гуруҳининг кўпчилик аъзолари томонидан содир бўлган жуда қўпол хато вазиятни бутунлай ўзгартириб юбориб, мусулмонларга қақшатқич талафот келтирди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қатл қилинишларига бир баҳя қолишига сабаб бўлди ва мусулмонларнинг Бадрдан сўнг эришган обрў ва ҳайбатларига жуда катта салбий таъсир кўрсатди.

Юқорида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу камончиларга қилган, хоҳ ғалаба, хоҳ мағлубият бўлсин, ҳар қандай ҳолатда ҳам тоғдаги ўринларидан қимирламаслик ҳақидаги қатъий буйруқлари матнини келтириб ўтгандик. Лекин, шу қадар қаттиқ буйруқлар бўлишига қарамай, камончилар мусулмонларнинг душманни қувиб, ўлжаларни қўлга киритишаётганини кўргач, дунё муҳаббати ғолиб келиб, бир-бирларига: «Ўлжа, ўлжа! Биродарларимиз ғолиб бўлишди! Биз нега қараб турибмиз?!», деб хитоб қилишди.

Аммо бошлиқлари Абдуллоҳ ибн Жубайр уларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқларини эслатиб: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сизларга айтган гапларини унутдингизми?!», деди.

Лекин, уларнинг мутлақ кўпчилиги бу огоҳлантиришларга парво қилмасдан: «Худо ҳаққи, биз ҳам тезроқ бориб, ўлжага эришайлик!», дейишиб[16], қирқ чоғли ё ундан ҳам ошиқроқ киши тоғдаги ўринларини тарк қилишиб, ўлжага шерик бўлиш иштиёқида пастга қараб шошилишди. Оқибатда мусулмонларнинг орқа тарафи ҳимоясиз қолиб, фақат Абдуллоҳ ибн Жубайр билан бирга саккиз-тўққиз жангчигина то изн бўлгунича ёки ҳалок бўлгунларича ўз ўринларида мустаҳкам туравериш аҳди билан қолдилар.

 

Холид ибн Валид ислом лашкарини қуршаб олиш режасини амалга оширади

 

Холид ибн Валид олтинга тенг бу фурсатни ғанимат билиб, ислом қўшинининг орқа тарафидан айланиб ўтиш мақсадида ўз отлиқлари билан ўқдек учиб, камончилар тоғига ҳужум уюштирди. Абдуллоҳ ибн Жубайр ва унинг ёнида қолган саноқли жангчини бир зумда тинчитиб, орқа томондан мусулмонлар устига бостириб келди. Унинг отлиқларининг ҳайқириғидан мушриклар ҳолат янгича тус олганини билишиб, чекиниб бораётган жойларидан ортларига қайтиб, мусулмонлар устига ёпирилишди. Мушриклардан Амра бинт Алқама ал-Ҳорисия исмли бир аёл шошиб келиб, ерда ётган байроқларини баланд кўтарди, шундан сўнг мушриклар байроқ атрофида жипслашиб, бир-бирларини чорлай бошладилар. Бир жойга жам бўлишгач, мусулмонларга қарши жангга ташландилар. Шундай қилиб, мусулмонлар олди тарафдан ҳам, орқадан ҳам қуршов ичида қолиб, жуда қийин аҳволга тушиб қолдилар.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуршовда ўзларини мардонавор тутишлари

 

Ўша пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тўққиз кишилик кичик бир гуруҳ[17] билан мусулмонларнинг орқаларидан[18] уларнинг шиддатли жангларини ва мушрикларни таъқиб қилишларини кузатиб турардилар. Шу ҳолда Холиднинг отлиқлари тўсатдан бостириб келиб қолишди. У зотнинг олдиларида икки йўлдан бири қолганди: ё ўз жонларини сақлаб қолиш учун ёнларидаги тўққиз нафар саҳобалари ҳамроҳлигида зудлик билан хавфсиз жойга чекинишлари ва қуршовда қолган қўшинни тақдир ҳукмига ҳавола қилишлари, ё эса ўз жонларини хатарга қўйиб, асҳобларини ўз атрофларига чорлашлари ва улардан кучли бир жабҳа (фронт) ташкил қилиб, улар воситасида душман қуршовини ёриб, қуршовда қолган қўшиннинг Уҳуд тоғи тепаларига чиқиб олиши учун йўл очиб беришлари керак эди.

Шу ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тенгсиз иқтидорлари ва мислсиз шижоатлари намоён бўлди. У зот асҳобларни ўз ёнларига чорлаб, бор овозлари билан: «Ҳой Аллоҳнинг бандалари, менинг ёнимга!», деб нидо қилдилар. Овозлари мусулмонлардан олдинроқ мушриклар қулоғига етиб боришини била туриб, ана шундай оғир вазиятда ўз жонларини хатарга қўйиб, асҳобларини чорладилар.

Дарҳақиқат, мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг овозларини эшитиб, мусулмонлардан олдин у киши томон интилдилар.

 

Мусулмонларнинг тумтарақай бўлиб кетишлари

 

Мусулмонлар қуршовга тушиб қолишгач, улардан бир тоифаси ўзларини бутунлай йўқотиб қўйдилар. Кўзларига ўз жонларидан бошқа нарса кўринмай қолиб, орқада нима гап бўлаётганидан бехабар, жанг майдонини ташлаб, қочишга тушдилар. Улардан баъзилари қочиб бориб, ҳатто Мадинагача етиб бордилар. Айримлари эса тоғ чўққиларига чиқиб кетишди.

Иккинчи бир тоифа эса мушрикларга аралашиб кетиб, тўс-тўполонда ким дўст, ким душманлиги билинмай қолиб, мусулмонлар ичида бир-бирини ўлдириб қўйиш ҳоллари ҳам содир бўлди. Бухорий Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилади: «Уҳуд куни мушриклар очиқ мағлуб бўлиб туришган пайт Иблис: «Эй Аллоҳнинг бандалари, орқангизга эҳтиёт бўлинг!», деб қичқирди. Шунда олдинги қатордагилар орқага қайтишиб, орқадагилар билан тўқнашиб кетишди. Ҳузайфанинг кўзи бирдан отаси Ямонга тушди ва: «Эй Аллоҳнинг бандалари, отам, отам!» деб қичқирди. Бироқ, улар ўзларини тўхтатиб қололмадилар ва унинг отасини ўлдириб қўйишди. Шунда Ҳузайфа: «Сизларни Аллоҳнинг ўзи кечирсин», деди». Урва айтади: «Ҳузайфада то дунёдан ўтгунича ҳам яхшилик сақланиб қолди»[19].

Ушбу тоифа ичида қаттиқ саросима пайдо бўлиб, кўпчилик гангиб қолганидан нима қилишини ва қайси томонга қараб ҳаракатланишини билмай қолди. Бунинг устига шу пайт: «Муҳаммад ўлдирилди!», деган қичқириқ эшитилиб, бу уларнинг қолган-қутган эс-ҳушларини ҳам учириб юборди. Кўпчилигининг руҳияти бутунлай тушиб кетди. Баъзилари жангдан тўхтаб, таслим бўлиш учун қуролларини ташладилар, айримлар эса мунофиқлар бошлиғи Абдуллоҳ ибн Убай билан боғланиб, уларга Абу Суфёндан омонлик олиб беришни сўраш фикрига тушишди. Шу ҳолда турганларида улар олдидан Анас ибн Назр ўтиб қолди ва: «Нимага қараб турибсизлар?», деб сўради. Улар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўлдирилганмишлар», дейишди. «Ундай бўлса, у зотдан кейин яшаб нима қиласизлар?! Туринглар, сизлар ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўлган иш устида ўлинглар!», деди у, сўнг: «Эй Парвардигор! Мен мана булар – яъни мусулмонлар – қилган ишдан Сендан узр сўрайман, ана улар – яъни мушриклар – қилган ишдан поклигимни Сенга эълон қиламан», деди. Шундай деб олға интилди. Йўлида Саъд ибн Муоз дуч келиб: «Қаерга эй Абу Умар?», деб сўраган эди: «Оҳ, оҳ, жаннатнинг ҳидини топяпман эй Саъд, у Уҳуд томондан келмоқда», деди. Сўнг жангга шўнғиб кетди ва то ўлгунича уришди. Жангдан сўнг унинг жасадини таний олмадилар, фақат синглиси унинг бармоғидан таниб олди. Баданида саксондан ортиқ найза, қилич ва камон ўқидан қолган жароҳатлар бор эди[20].

Собит ибн Даҳдоҳ қавмига қараб: «Эй ансорлар жамоаси, агар Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўлдирилган бўлсалар, Аллоҳ тирик, У ўлмайди! Сизлар динингиз йўлида жанг қилинглар, Аллоҳнинг Ўзи сизларга зафар ва нусрат ато этади!», деб хитоб қилди. Шунда бир қанча ансорлар унинг ёнига тўпланишиб, биргаликда Холиднинг отлиқларига қарши жангга киришди, унинг ўзи Холиднинг найзасидан ҳалок бўлди, бошқа шериклари ҳам ўлдирилдилар[21].

Муҳожирлардан бир киши қонга беланган бир ансорийнинг ёнидан ўтиб қолди ва: «Эй фалончи, билдингми, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўлдирилган эмишлар?», деди. Шунда ансорий : «Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўлдирилган бўлсалар, рисолат омонатини етказиб қўйганлар. Сизлар динингиз йўлида жанг қилинглар!», деб жавоб берди[22].

Мана шундай руҳлантирувчи ва далда берувчи сўзу ишлар сабабли мусулмон аскарларига маънавий-руҳий куч-қувват қайтиб келди, улар саросимадан қутулиб, эс-ҳушларини йиғиб олдилар. Таслим бўлиш ёки мунофиқ Ибн Убайга қўшилиш фикридан қайтдилар ва қуролларини қўлга олиб, бошқарув қароргоҳи томонга йўл очиш мақсадида мушрикларга қарши ҳужум бошлаб юбордилар. Бу орада уларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўлдирилганлари ҳақидаги хабарнинг ёлғонлиги ҳам маълум бўлиб, бу уларнинг кучига куч қўшиб юборди. Натижада, оғир ва шиддатли жанглардан сўнг қуршовни ёриб чиқишга ва мустаҳкам марказ атрофида жамланишга муваффақ бўлдилар.

Майдонда учинчи бир тоифа ҳам бор эдики, уларнинг бутун фикру зикрлари фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламда бўлди. Бу тоифа қуршовнинг бошиданоқ жон жаҳдлари билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнларига қараб интилдилар. Уларнинг бошида Абу Бакр Сиддиқ, Умар ибн Хаттоб, Алий ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳум ва бошқалар бор эди. Улар жангнинг олдинги қаторларида эдилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан хавф-хатарни ҳис қилишлари биланоқ у зотнинг ҳимояларига етиб келдилар.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам атрофларида жангнинг шиддатли тус олиши

 

Мазкур тоифалар қуршов машаққатларини бошдан кечирар ва мушрикларнинг тегирмони гирдобида айланар экан, жанг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам атрофларида қизигандан қизиб борарди. Юқорида айтганимиздек, мушриклар қуршовни бошлаган пайтларида у зотнинг ёнларида тўққиз нафар саҳобадан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Мусулмонларга қарата: «Менинг ёнимга келинглар, мен Расулуллоҳман!» деб хитоб қилганларида мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг овозларини эшитиб, у зотни танишди ва устларига ёпирилиб кела бошлашди, мусулмонлардан олдин ёнларига етиб бориш мақсадида жон-жаҳдлари билан у зот томонга ташланишди. Шунда ўша тўққиз нафар саҳобий билан мушриклар ўртасида шиддатли жанг бўлиб ўтди ва унда муҳаббат, фидокорлик, жасорат ва қаҳрамонликнинг ғоят нодир кўринишлари намоён бўлди.

Имом Муслим Анас ибн Моликдан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Уҳуд куни етти ансор ва икки муҳожир билан ёлғиз қолгандилар. Мушриклар ёпирилиб келишгач: «Жаннат эвазига – ёки жаннатда менинг ҳамроҳим бўлиши эвазига – ким уларни биздан даф қилади?!», дедилар. Шунда ансорлардан бири олдинга ўтиб, то ўлгунича жанг қилди. Кейин яна ёпирилиб кела бошлашгач, яна: «Жаннат эвазига – ёки жаннатда менинг ҳамроҳим бўлиши эвазига – ким уларни биздан даф қилади?!», дедилар. Ансорлардан яна бири олдинга чиқиб, то ўлгунича жанг қилди. Ана шу тарзда бирин-кетин еттовлари ўлдирилдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки – муҳожир – саҳобаларига: «Асҳобларимизга инсоф қилмадик», дедилар»[23].

Мазкур етти ансорийнинг охиргиси Амора ибн Язид ибн ас-Сакан эди, у қаттиқ жанг қилди ва оғир жароҳат олиб йиқилди[24].

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётларидаги энг оғир дамлар

 

Ибн ас-Сакан йиқилганидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки нафар муҳожир саҳоба билан ёлғиз қолдилар. «Саҳиҳайн»да Абу Усмондан ривоят қилинишича: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларида жанг қилаётган кунларининг бирида Талҳа ибн Убайдуллоҳ ва Саъд (ибн Аби Ваққос)дан бошқа ҳеч ким қолмаган эди»[25]. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётларидаги энг оғир дамлар эди. Мушриклар учун эса бу дамлар олтинга тенг фурсат бўлиб, улар бу фурсатни қўлдан чиқармаслик учун қаттиқ уринишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни йўқ қилиш мақсадида ҳужумларини асосан у зотга қаратишди. Утба ибн Ваққос отган тош у зотнинг юзларига тегиб, пастки ўнг курак (яъни олдинги тишлар билан озиқ тиш ўртасидаги) тишлари синиб, пастки лаблари ёрилди. Абдуллоҳ ибн Шиҳоб аз-Зуҳрий яқинларига келиб, пешоналарига жароҳат етказди. Абдуллоҳ ибн Қамиъа номли ғаддор бир отлиқ келиб, у зотнинг елкаларига шундай зарб билан қилич солдики, унинг зарбидан бир ойдан кўпроқ елкалари оғриб юрди, бироқ бу зарба у зотнинг икки қават совутларини йиртиб ўтишга қодир бўлмади. Кейин ўша ғаддорнинг иккинчи бор туширган ўшандай қаттиқ зарбаси у зотнинг чаккаларига тегиб, дубулғаларининг ҳалқаларидан иккита ҳалқа юзларини ёриб, ичига кириб қолди. У малъун зарба урар экан: «Мана сенга, мен Ибн Қамиъаман», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юзларидан қонни артарканлар: «Сени Аллоҳ хор қилсин», дедилар[26].

«Саҳиҳ»да ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тишлари синдирилди, бошлари ёрилди. Шунда юзларидан қонни артарканлар: «Уларни Аллоҳга даъват қилаётган пайғамбарларининг юзини ёрган ва тишларини синдирган қавм қандай нажот топсин?!», дердилар. Шундан сўнг Аллоҳ азза ва жалла оят нозил қилдики: «(Эй Муҳаммад), Сиз учун бу ишда (яъни бандаларга на­жот бериш ёки уларни ҳалок қилиш ишида) ҳеч бир нарса (яъни инон-ихтиёр) йўқдир. (Аллоҳнинг Ўзи) ё уларнинг тавбаларини қабул қилар ёки золимликлари сабабли азоблар» (Оли Имрон: 128).[27]

Табароний ривоятида: У зот ўша куни: «Пайғамбарининг юзини қонга белаган қавмга Аллоҳнинг ғазаби қаттиқ бўлди», дедилар. Сўнга бироз муддат тургач: «Эй Парвардигор, қавмимни кечиргайсан, улар билмайдилар», дедилар[28].

«Саҳиҳ Муслим»да ривоят қилинишича: «Эй Роббим, қавмимни мағфират қилгин, улар билмайдилар», дедилар[29].

Қози Иёзнинг «Аш-Шифо»сида: «Эй Парвардигор, қавмимни ҳидоят қилгин, улар билмайдилар», деганлари ривоят қилинган[30].

Шубҳасиз, мушрикларнинг асосий мақсадлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўлдириш бўлган эди. Бироқ, иккала муҳожир - Саъд ибн Аби Ваққос билан Талҳа ибн Убайдуллоҳ ажойиб қаҳрамонликлар кўрсатиб, мислсиз жасорат билан жанг қилишди ва икки кишигина бўлишларига қарамай, мушрикларга ўз мақсадларига эришишларига йўл қўймадилар. Чунки, ҳар иккаласи арабларнинг энг моҳир камончиларидан бўлиб, тинимсиз ўқлари билан мушрикларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан суриб ташлашга муваффақ бўлишди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Саъд ибн Аби Ваққосга ўқдонларини қоқиб туриб: «Отинг, ота-онам сизга фидо бўлсин!», дедилар, бу эса унинг нақадар юксак жасорат ва лаёқат эгаси бўлганига далолат қилади. Чунки, у зот Саъддан бошқа биронтасига ота-оналарини биргаликда фидо қилмаганлар[31].

Талҳа ибн Убайдуллоҳ ҳақида гапирадиган бўлсак, мушрикларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам атрофларига ёпирилиб келишлари воқеасини имом Насоий Жобир розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилади: Мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнларига етиб қолишганида у зот: «Ким уларга қарши тура олади?» дедилар. Шунда Талҳа: «Мен», деди. (Сўнг Жобир ансорларнинг олдинга чиқишлари ва бирин-кетин шаҳид бўлишларини имом Муслим ривоятидан биз айтиб ўтганимиздек ҳикоя қилгач, сўзида шундай давом этди: ) Сўнг Талҳа олдинга чиқиб, бир ўзи ўн бир кишидек олишди, қўлига қилич тегиб, бармоқларини узиб юборганида: «Ҳасс» (яъни, «иҳ» ёки «аҳ») деган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар «Бисмиллаҳ» деганингда эди, фаришталар одамлар кўз ўнгида сени баланд кўтаришган бўларди», дедилар. Шундан сўнг Аллоҳ мушрикларни ортга чекинтирди[32].

Ҳокимнинг «Иклил»ида ривоят қилинишича, Талҳа Уҳуд куни ўттиз тўққизта ёки ўттиз бешта жароҳат олган, кўрсаткич ва ўрта бармоғи фалаж бўлиб, ишламай қолган экан[33].

«Саҳиҳул Бухорий»да Қайс ибн Абу Ҳозим ривоят қилади: «Мен Талҳанинг шол бўлиб қолган қўлини кўрдим, Уҳуд куни у шу қўли билан Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳимоя қилган эди»[34].

Термизий ва Ибн Можа ривоят қилган ҳадисда айтилишча, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўша куни у ҳақида: «Ким ер юзида юрган (яъни тирик) шаҳидни кўришни истаса, Талҳа ибн Убайдуллоҳга қарасин», деганлар[35].

Абу Довуд Таёлисий Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилади: «Абу Бакр Уҳуд кунини эсласа: «У куннинг ҳаммаси Талҳанинг куни бўлганди», дердилар[36].

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу у ҳақда яна шундай дерди:

Убайдуллоҳ ўғли Талҳа, сенга жаннат мунтазир,

Хизматингга ҳури ғилмон, нозу неъмат мунтазир[37].

Ана шундай таранг вазият ва оғир дамда Аллоҳ таоло ғойибона нусратини туширди. «Саҳиҳайн»да ривоят қилинган ҳадисда Саъд айтади: «Уҳуд куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрдим, ёнларида оппоқ кийимли икки киши у зотни ҳимоя қилиб қаттиқ жанг қиларди, мен уларни аввал ҳам кўрмаганман, кейин ҳам кўрмадим». Бир ривоятда: «Улар Жибрил ва Микоил эдилар»[38].

 

Саҳобаларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам атрофларига йиғила бошлашлари

 

Бу воқеаларнинг ҳаммаси бир неча дақиқа ичида, жуда катта тезликда бўлиб ўтди. Ваҳоланки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдинги қаторларда жанг қилаётган сара саҳобалари ҳолатнинг ўзгарганини кўришлари биланоқ ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг овозларини эшитишлари биланоқ у зотга бирон кўнгилсизлик етишини олдини олиш учун тезлик билан ўша тарафга шошилдилар. Бироқ, улар етиб келишганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга аллақачон жароҳатлар етган, олтита саҳобалари ўлдирилиб, еттинчиси жароҳатланган, Саъд ва Талҳа шиддатли жанг олиб боришаётганди. Улар етиб келишгач, у зотнинг атрофларида жонли девор ҳосил қилиб, ўраб олишди ва у кишини душман зарбаларидан қаттиқ ҳимоя қилишди. Биринчи бўлиб ёнларига садоқатли дўстлари Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу етиб келди.

Ибн Ҳиббон «Саҳиҳ»ида Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилади: Абу Бакр Сиддиқ деди: «Уҳуд куни ҳамма Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан узоқлашиб кетган эди. Биринчи бўлиб ёнларига мен етиб келдим. Қарасам, олдиларида бир киши у зотни ҳимоя қилиб жанг қилаётган экан. «Илоҳим, Талҳа бўлсин-да, ота-онам унга фидо бўлсин, илоҳим, Талҳа бўлсин-да, ота-онам унга фидо бўлсин», дердим. (Чунки, бу иш ўзимга насиб қилмагани учун у одамнинг менинг қавмимдан бирон киши бўлиб чиқишини истардим.) Зум ўтмай орқамдан Абу Убайда ибн Жарроҳ етиб келди, у ўқдек учиб келаётганди. Иккаламиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қараб отилдик. Қарасак, Талҳа у кишининг олдиларида йиқилиб ётибди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Биродарингизга қарашинглар, дарҳақиқат у (жаннатни ўзига) вожиб қилди», дедилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам юзларидан жароҳатланиб, дубулғаларининг иккита ҳалқаси юзларининг ичига кириб қолган экан. Мен уларни суғуриб олмоқчи бўлган эдим, Абу Убайда: «Аллоҳ ҳаққи, эй Абу Бакр, шу ишни менга қўйиб беринг», деди. Сўнг ҳалқани тишлари орасига олиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга озор бермаслик учун қимирлатиб-қимирлатиб суғуриб олди, бироқ ўзининг олди тиши тушиб кетди. Кейин мен иккинчи ҳалқани суғуриб олмоқчи бўлсам, у яна: «Аллоҳ ҳаққи, эй Абу Бакр, шу ишни менга қўйиб беринг», деди. Сўнг уни яна тишлари билан тортиб суғуриб олди, шунда иккинчи тиши ҳам тушиб кетди. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Биродарингизга қарашинглар, у (ўзига жаннатни) вожиб қилди», дедилар. Шундан сўнг биз Талҳага юзланиб, уни муолажа қилишга киришдик. Унга ўндан ортиқ зарба етган экан[39]. «Таҳзибу тарихи димашқ» асарида (7/78) айтилади: «Сўнг биз уни ўша чуқурлардан бирига олиб бордик. Қарасак, унинг баданида найза, камон ўқи, қилич зарбаси аралаш олтмиш нечта ҳам жароҳат бор экан, битта бармоғи кесилиб кетибди. Биз унинг ҳолини яхшилашга ҳаракат қилдик».

Бу орада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг атрофларига бир гуруҳ баҳодир мусулмонлар келиб йиғилишди. Улар ичида Абу Дужона, Мусъаб ибн Умайр, Алий ибн Аби Толиб,[40] Саҳл ибн Ҳаниф, Молик ибн Синон (Абу Саид ал-Худрийнинг отаси), Умму Аммора Нусайба бинт Каъб ал-Мозиния, Қатода ибн Нуъмон, Умар ибн Хаттоб, Ҳотиб ибн Аби Балтаъа ва Абу Талҳалар бор эди.

 

Мушриклар сиқувининг кучайиши

 

Мушрикларнинг сони дақиқа сайин кўпайиб боргани учун, табиийки уларнинг мусулмонлар устига ҳамлалари кучайиб, сиқувлари ҳам ортиб борди. Шу орада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Омир Фосиқ тарафидан тайёрлаб қўйилган бир чуқурга йиқилиб, тиззалари шилиниб кетди. Алий у кишининг қўлларидан тутиб, тортиб чиқарди, Талҳа ибн Убайдуллоҳ қучоқлаб, ўринларидан туришларига ёрдам берди.

Нофеъ ибн Жубайр айтади: Мен муҳожирлардан бир кишининг шундай деганини эшитганман: «Уҳудда иштирок этганман. Шунда кўрганманки, камон ўқлари ҳар тарафдан келар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўртада турар, ўқлар у кишидан четлаб ўтарди. Ўша куни Абдуллоҳ ибн Шиҳоб аз-Зуҳрийни кўрдимки: «Менга Муҳаммадни кўрсатинглар, у қутулса мен қутулмаганим бўлсин» (яъни, ё у ўлади, ё мен), дер, ваҳоланки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ёнгинасида ёлғиз тургандилар. У у зотнинг ёнгиналаридан ўтиб кетди. Кейин Сафвон бу ҳақда уни маломат қилганида: «Худо ҳаққи, мен уни кўрмадим. Аллоҳга қасам ичиб айтаманки, у биздан ҳимояланган. Биз тўрт киши уни ўлдиришга аҳдлашиб чиққан эдик, бироқ бунга муваффақ бўлмадик», деди[41].

 

Ноёб қаҳрамонлик намуналари

 

Шу куни мусулмонлар тарихда мисли кўрилмаган ноёб қаҳрамонлик ва ажойиб фидокорлик намуналарини кўрсатишди. Абу Талҳа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларида тирик девор бўлиб туриб олган, у кишини душман ўқларидан сақлаш учун кўксини қалқон қилган эди.

Анас розияллоҳу анҳу айтади: «Уҳуд куни одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнларидан узоқлашиб кетишган, ёлғиз Абу Талҳа у кишининг ёнларида туриб, қалқони билан тўсиб турарди. У билаги бақувват камончи эди, ўша куни у иккита ё учта камон синдирди. Ўқдонида ўқи бор бирон киши ўтиб кетаётган бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ўқларингни Абу Талҳага бер», дердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам душман томонга бўйин чўзиб қарасалар, Абу Талҳа: «Ота-онам сизга фидо бўлсин, қараманг, улар отган ўқлардан биронтаси тегиб кетмасин, кўксим сизга қалқон бўлсин», дерди»[42].

Анас розияллоҳу анҳудан яна ривоят қилинади: «Абу Талҳа билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам битта қалқон билан ҳимояланишар, Абу Талҳа уста мерган бўлиб, у ўқ отганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бўйинларини чўзиб, унинг ўқи етиб борган жойга қарардилар»[43].

Абу Дужона ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳимоя қилиб, келаётган ўқларга орқасини тутиб, тошдек қотиб турарди.

Ҳотиб ибн Аби Балтаа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак тишларини синдирган Утба ибн Аби Ваққоснинг ортидан бориб, қиличи билан калласини сапчадек узиб ташлади, сўнг унинг оти билан қиличини олиб кетди. Саъд ибн Аби Ваққос укаси Утбани ўзи ўлдиришга қасд қилганди, бироқ бу иш унга эмас, Ҳотибга насиб этди.

Саҳл ибн Ҳунайф ҳам баҳодир камончилардан бири бўлиб, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ўлимга байъатлашган эди. У ҳам мушрикларни даф қилишда фаол иштирок этди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бевосита ўзлари ҳам камон отардилар. Қатода ибн Нўъмондан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам камондан ўқ отдилар, ҳатто камон эгилган жойидан синиб кетди». Кейин ўша камонни у асраб қўйган ва кейинчалик ҳам унда қолганди. Ўша куни Қатоданинг кўзига жароҳат етган ва кўзи оқиб, юзига тушиб қолган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни ўз қўллари билан жойига қайтариб қўйдилар, шундан сўнг у тузалиб, аввалгидан ҳам яхшироқ бўлиб кетди.

Абдурраҳмон ибн Авф ҳам катта жасорат билан жанг қилди, оғзига жароҳат етиб, тишлари тўкилиб тушди, йигирмадан ортиқ жойидан жароҳатланди, оёғи шикастланиб, оқсоқ бўлиб қолди.

Абу Саид ал-Худрийнинг отаси Молик ибн Синон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юзларидаги қонни сўриб тозалаб қўйди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Қонни тупуриб ташланг», деган эдилар, у: «Йўқ, ҳаргиз тупуриб ташламайман», деди, сўнг яна жангга киришиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким жаннат аҳлидан бўлган одамни кўришни истаса, шунга қарасин», дедилар. Молик шу куни шаҳид бўлди.

Умму Амора ҳам жанг қила туриб, бир тўп мусулмонлар ичида Ибн Қамиъага тўқнаш келди. Ибн Қамиъанинг қилич билан берган зарбаси унинг елкасида чуқур жароҳат қолдирди. У ҳам қиличи билан Ибн Қамиъага бир неча зарбалар берди, лекин у устидаги икки қават совути туфайли қутулиб қолди. Умму Амора шу куни ўн икки жойидан жароҳатланди.

Мусъаб ибн Умайр ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни Ибн Қамиъа ва шерикларидан ҳимоя қилиб, шиддат билан урушди. Байроқ унинг қўлида эди, уларнинг қилич зарбаларидан ўнг қўли узилиб тушди. Шунда у байроқни чап қўлига олиб, душман қаршисида матонат билан туришда давом этди. Чап қўлини ҳам чопиб ташлашгач, то ўлгунича чўккалаб, байроқни бўйни билан қисиб, тик тутиб турди. Уни Ибн Қамиъа ўлдирди ва кўринишидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ўхшаб кетгани учун уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам деган гумонда мушриклар ёнига қайтиб: «Муҳаммад ўлдирилди!», деб ҳайқирди[44].

 

Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўлдирилганликлари ҳақида хабар тарқалиши ва бунинг жангга кўрсатган таъсири

 

Бир неча дақиқа ичида бу хабар мушриклар ичида ҳам, мусулмонлар ичида ҳам тарқалиб улгурди. Бу эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга бўлмаган ва қуршовда қолган кўпчилик саҳобаларнинг жанговор азму қарорлари сусайиб кетишига ва маънавий руҳиятлари емирилишига сабаб бўлди. Ҳатто уларнинг сафлари ичида қаттиқ парокандалик ва тартибсизликлар пайдо бўлди. Иккинчи томондан, ушбу хабар мушрикларнинг шиддатли ҳужумлари бироз сусайишига ҳам сабаб бўлди. Чунки, баъзилари ўзларини асосий мақсадларига эришган ҳисоблаб, жангни тўхтатиб, мусулмонларнинг ўликларини мусла (қулоқ, бурун каби аъзосини кесиш) қилишга киришиб кетишди.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жангни давом эттириб, аҳволни ўнглашга муваффақ бўладилар

 

Мусъаб шаҳид қилингач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам байроқни Алий ибн Аби Толибга топширдилар. Шиддатли жанг давом этди ва шу ерда бўлган бошқа саҳобалар ҳам етук қаҳрамонлик ва жасорат намуналарини кўрсатишди.

Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам душман сафларини ёриб ўтиб, қуршовда қолган лашкарга қўшилишга муваффақ бўлдилар. Биринчи бўлиб, у кишини Каъб ибн Молик таниди ва бор овози билан: «Эй мусулмонлар! Хушхабар! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тирик эканлар!», деб қичқирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мушрикларга у кишининг турган ўринлари маълум бўлиб қолмаслиги учун Каъбга: «Жим бўл» деб ишора қилдилар. Бироқ, Каъбнинг овози мусулмонларнинг қулоқларига етиб борди ва эшитганки одам у зотнинг ёнларига қараб интилиб, атрофларида ўттиз чоғли саҳоба жамланишди.

Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳужум қилаётган мушриклар сафини ёриб ўтиб, тоғ даралари сари тартибли равишда чекина бошладилар. Мушриклар чекинишни барбод қилиш мақсадида ҳужумни яна ҳам кучайтиришди. Бироқ, мусулмон баҳодирларнинг матонати олдида бунга муваффақ бўлишолмади.

Мушрикларнинг отлиқ аскарларидан бири – Усмон ибн Абдуллоҳ ибн Муғийра «Қани Муҳаммад?! У қутулса мен қутулмаганим бўлсин!» (яъни, у тирик қолса, менинг ўлганим яхши), деганча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига яқинлашиб кела бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у билан тўқнашиш учун ўринларидан қўзғолдилар, бироқ унинг оти бир чуқурга қоқилиб кетди, шунда Ҳорис ибн Симма у билан олишиб, оёғига уриб, ўтиргизиб қўйди, сўнг уни саранжомлаб, қуролини олиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга келиб қўшилди.

Макка суворийларидан Абдуллоҳ ибн Жобир деган яна бириси Ҳорис ибн Симмага ҳамла қилиб, қиличи билан елкасига уриб, ярадор қилди, уни мусулмонлар кўтариб олдилар. Шунда қизил пешонабанд соҳиби, ботир жангчи Абу Дужона Абдуллоҳ ибн Жобирга ҳамла қилиб, қиличи билан калласини сапчадек узиб ташлади.

Мана шундай шиддатли жанг асносида Аллоҳ тарафидан мўминларга ором уйқуси тушиб, Қуръонда айтилгани каби уларни мудроқ ола бошлади. Абу Талҳа айтади: «Уҳуд куни мудроқ олган кишилар ичида мен ҳам бор эдим, ҳатто қиличим бир неча марта қўлимдан тушиб кетди. Мен уни олардим, у яна тушиб кетарди, яна олардим»[45].

Ушбу гуруҳ мана шундай матонат билан, тартибли равишда чекиниб, тоғ дараларига етиб олди ва қўшиннинг қолган қисмига ҳам мана шу бехавотир жойга етиб олишлари учун йўл очиб берди, шу билан улар ҳам келиб қўшилишга муваффақ бўлишди. Шундай қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳарбий маҳоратлари олдида Холиднинг маҳорати енгилди.

 

Убай ибн Халафнинг ўлдирилиши

 

Ибн Исҳоқ айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дарага етиб келган ҳам эдиларки, орқаларидан: «Қани Муҳаммад?! У қутулса мен қутулмаганим бўлсин!», деб бақирганича Убай ибн Халаф етиб келди. Мусулмонлар: «Ё Расулуллоҳ, биронтамиз унга қарши жангга чиқайликми?», деб сўрашган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қўяверинглар, келаверсин», дедилар. У яқин келгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳорис ибн Симманинг найзасини қўлга олдилар-да, шаҳд билан қўзғолиб унга пешвоз чиқдилар ва совути билан дубулғаси ўртасида очилиб турган ўмровига кўзлари тушиб, найзани ўша ерига шундай урдиларки, унинг зарбидан Убай отидан қулаб, бир неча марта юмалаб кетди. У томоғидаги унча катта бўлмаган жароҳатидан қон сизиб турган ҳолида Қурайш олдига қайтиб бориб: «Худо ҳаққи, мени Муҳаммад ўлдирди», деди. Улар: «Қўй-е, юрагинг чиқиб кетибди, Худо ҳаққи, жароҳатинг оғир эмас», дейишди. Шунда у: «У менга Маккада: «Мен сени ўлдираман», деб айтган эди[46], Аллоҳга қасамки, агар юзимга тупурса, тупуги ҳам мени ўлдирган бўларди», деди. Шундан сўнг бу Аллоҳнинг душмани Маккага қайтишаётганида йўлда, Сариф деган жойда ўлди. Абул Асваднинг Урвадан ривоят қилишича, шунингдек, Саид ибн Мусайяб отасидан қилган ривоятда айтилишича, Убай ҳўкиздек бўкирар ва: «Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, агар менинг бошимга тушган нарса Зул-Мажоз аҳли бошига тушса эди, ҳаммаси ўлиб кетган бўларди», дерди[47].

 

Талҳа Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни йўлаб юборади

 

Тоққа чекинаётганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларидан катта бир харсанг чиқиб қолиб, унга чиқмоқчи бўлиб ҳаракат қилдилар, бироқ ёшлари бироз улғайгани, боз устига икки қават совут кийиб олганлари туфайли чиқолмадилар. Қолаверса, олган жароҳатлари туфайли анча ҳолдан тойган ҳам эдилар. Шунда Талҳа ибн Убайдуллоҳ елкасини у зотга тутиб, тош устига чиқиб олишларига ёрдамлашиб юборди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Талҳа (жаннатни) вожиб қилди», дедилар[48].

 

Мушриклар уюштирган охирги ҳужум

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тоғ дарасидаги бошқарув қароргоҳларига ўрнашиб олганларидан кейин мушриклар мусулмонлар устига сўнгги бор ҳужум уюштирдилар. Ибн Исҳоқ айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дарада эканларида Абу Суфён ва Холид ибн Валид бошлиқ бир қанча мушриклар тоққа кўтарила бошладилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Парвардигор! Уларга биздан устун келиш лойиқ бўлмайди», дедилар. Шундан сўнг Умар ибн Хаттоб бир гуруҳ муҳожирлар ҳамроҳлигида жанг олиб бориб, уларни тоғдан тушириб юбордилар[49].

«Мағозий ал-Умавий»да айтилишича, мушриклар тоғ устига чиқиб келишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Саъдга: «Уларни қайтаринг!», дедилар. «Бир ўзим қандай қилиб қайтараман?», деди у. У зот яна шу гапларини қайтардилар. Учинчи марта айтганларидан сўнг Саъд ўқдонидан ўқ олиб, мушриклардан бирини отиб ўлдирди. Саъд айтади: «Сўнг ҳалиги ўқни олиб, таниб олдим-да, бошқасига отиб, уни ҳам ўлдирдим. Кейин яна биттасини шу ўқ билан ўлдирдим. Шундан сўнг улар пастга тушиб кетишди. Шундан сўнг: «Бу муборак ўқ» деб, уни ўқдонимга солиб қўйдим». Саъд ўша ўқни то вафот этиб кетгунича ёнида сақлади, сўнг болаларида қолди[50].

 

Шаҳидларни таҳқирлаш

 

Ушбу ҳужум мушрикларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарши олиб борган энг сўнгги ҳужумлари бўлди. Шундан сўнг улар у кишини ўлдирилган бўлса керак, деган гумонда қароргоҳларига қайтиб, Маккага қайтиб кетишга тайёргарлик кўра бошладилар. Баъзилари – шунингдек, аёллари ҳам – шаҳид бўлган мусулмонларни мусла қилишга – қулоқларини, бурунларини ва жинсий аъзоларини кесишга, қоринларини ёришга тушишди. Ҳинд бинт Утба Ҳамзанинг жигарини суғуриб олиб, чайнай бошлади, кейин ютишга қурби келмай, тупуриб ташлади. Шунингдек, у кесилган қулоқ ва бурунлардан шодалар ясаб, бўйин ва оёқларига тақиб олди[51].

 

Баҳодир мусулмонларнинг урушнинг сўнгги лаҳзаларигача жангга ҳозир туришлари

 

Охирги дамларда паҳлавон мусулмон жангчиларининг жангга ва Аллоҳ йўлида ўзларини фидо қилишга нақадар тайёр эканларини кўрсатиб берадиган иккита воқеа содир бўлди:

1) Каъб ибн Молик айтади: «Мусулмонлар сафида Уҳудда иштирок этдим. Мушрикларнинг ўлган мусулмонларни мусла қилишаётганини кўриб турардим. Қарасам, мушриклардан бири мусулмонлар ичида: «Сўйилган қўйлардек уюлиб кетгурлар», деганча қурол-яроғларини йиғиштириб юрган экан. Шунда қуролланган бир мусулмоннинг ўша мушрикни пойлаб турганини кўриб, ўша томонга қараб юрдим ва орқаларидан иккаласини кузата бошладим. Кофир кўринишидан ҳам, қурол жиҳатидан ҳам мусулмондан устунроқ эди. Иккаласи юзлашгач, мусулмон кофирга қилич солиб, то думбасигача кесиб ташлади ва у иккига бўлиниб кетди. Сўнг мусулмон юзини очиб: «Бопладимми эй Каъб, мен Абу Дужонаман», деди»[52].

2) Жанг ниҳоялангач, бир гуруҳ мўмина аёллар жанг майдонига келишди. Анас розияллоҳу анҳу айтади: «Мен Оиша бинт Абу Бакр ва Умму Сулайм иккаласини енг шимариб, елкаларида сув солинган мешларни кўтариб, мусулмонларга сув ичириб, бўшаган мешларни яна тўлдириб келиб, яна мусулмонларга сув бериб юрганларини кўрдим»[53]. Умар розияллоҳу анҳу айтади: «Ансор аёлларидан бўлган Умму Салит Уҳуд куни бизга мешда сув ташиган эди»[54].

Ўшандай қаҳрамон аёллар ичида Умму Айман ҳам бор эди. У айрим мусулмонларнинг чекиниб, Мадинагача кириб боришганини кўргач, улар юзига тупроқ сочиб: «Мана бу урчуқни олгин-да, қиличингни бу ёққа бер», деб, жанг майдонига қараб ошиқди. Етиб келгач, ярадорларга сув бера бошлади. Ҳиббон ибн Арақа унга қараб камондан ўқ узган эди, унинг ўқидан Умму Айман ерга йиқилиб, баданининг баъзи жойлари кўриниб қолди. Шунда бу Аллоҳнинг душмани қотиб кула бошлади. Бу нарса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга оғир ботди ва учсиз бир камон ўқини Саъд ибн Аби Ваққосга узатиб: «Шу ўқни унга отинг!», деб буюрдилар. Саъд ўқни отган эди, у Ҳиббоннинг томоғига қадалиб қолди ва у гурсиллаганича ерга қулаб, ҳамма ёғи очилиб кетди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кулдилар, ҳатто озиқ тишлари кўринди. Сўнг: «Саъд унинг ўчини олди, Аллоҳ дуоларини қабул қилсин», дедилар[55].

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дарага етиб олганларидан сўнг

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дарадаги қароргоҳларига ўрнашганларидан кейин Алий ибн Аби Толиб бориб, қалқонида Миҳрос (харсангни ўйиб қилинган ҳовуз ёки Уҳуддаги қудуқ)дан сув келтириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга тутди. Сув ҳидланиб қолган экан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни ёқтирмасдан ичмадилар. «Пайғамбарининг юзини қонга белаган кимсага Аллоҳнинг ғазаби жуда қаттиқ бўлади», деганларича юзларидаги қонни ювдилар, бошларидан сув қуйдилар.

Саҳл айтади: «Аллоҳга қасамки, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жароҳатини ким ювганини, ким сув қуйиб турганини, нима билан даво қилинганини яхши биламан. Қизлари Фотима жароҳатни ювди, Алий ибн Аби Толиб қалқонида сув қуйиб турди. Сув қон келишини тўхтатиш ўрнига, уни баттар кучайтираётганини кўрган Фотима бир бўлак бўйрани куйдириб жароҳатга босди ва шу билан қон тўхтади»[56].

Муҳаммад ибн Маслама тоза ва ширин сув келтирган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан ичдилар ва Муҳаммад ибн Масламанинг ҳаққига дуо қилдилар[57].

Жароҳатлари таъсирида пешин намозини ўтириб ўқидилар, мусулмонлар ҳам у кишининг орқаларида ўтириб ўқидилар[58].

 

Абу Суфённинг жангдан сўнг айтган сўзлари ва унинг Умар билан сўзлашуви

 

Мушриклар йўлга чиқишга тахт бўлганларидан кейин Абу Суфён тоғ устига чиқиб: «Орангизда Муҳаммад борми?», деб қичқирди. Унга жавоб бермадилар. «Орангизда Ибн Аби Қуҳофа (Абу Бакр) борми?», деб қичқирди. Яна жавоб бермадилар. «Орангизда Умар ибн Хаттоб борми?», деб қичқирди. Яна жавоб бермадилар. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга жавоб қайтаришга ижозат бермаган эдилар. Абу Суфённинг ўзи ҳам, қавми ҳам шу уч кишини Исломнинг асоси ва тиргаги деб билганларидан у фақат шу кишилар ҳақидагина сўради. Мусулмонлар тарафидан жавоб бўлмагач, қавмига қараб: «Улардан қутулибсизлар!», деб қичқирди. Шунда Умар чидай олмай: «Эй Аллоҳнинг душмани! Сен айтган одамларнинг барчаси ҳаёт, Аллоҳ сени хафа қиладиган ишни сақлаб қолди», деб хитоб қилди. Абу Суфён: «Сизларнинг одамларингизни мусла қилишибди, мен бунга буюрганим йўқ, бироқ бундан хафа ҳам бўлмадим», деди.

Кейин: «Яшасин Ҳубал!», деб қичқирди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Унга жавоб бермайсизларми?!», дедилар. «Нима деб жавоб берайлик?», деб сўрашганди: «Аллоҳ олийроқ ва буюкроқдир», денглар», дедилар.

Кейин Абу Суфён: «Бизлар учун Уззо бор, сизларнинг Уззонгиз йўқ», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна: «Унга жавоб бермайсизларми?!», дедилар. «Нима деб жавоб берайлик?», деб сўрашганди: «Аллоҳ бизнинг хожамиздир, сизларнинг хожангиз йўқ», денглар», дедилар.

Шундан сўнг Абу Суфён: «Бугунги жанг Бадрга жавоб бўлди, уруш дурангдир, (бир сафар сизлар ғолиб бўлган бўлсангиз, бир сафар биз ғолиб бўлдик)», деди.

Умар: «Йўқ, баробар бўлмади! Бизлардан ўлганлар жаннатда, сизлардан ўлганлар дўзахдадир», деб жавоб берди.

Абу Суфён: «Эй Умар, яқинроқ кел», деган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Борингчи, нима демоқчи экан», дедилар. Умар яқин борган эди, Абу Суфён: «Худо ҳаққи, тўғрисини айт эй Умар, биз Муҳаммадни ўлдирдикми, йўқми?», деб сўради. Умар: «Йўқ, Аллоҳ шоҳид, ҳозир у киши сенинг сўзларингни эшитиб турибдилар», деди. Шунда Абу Суфён: «Сен менинг наздимда (Муҳамад ўлдирилди деб гап тарқатган) Ибн Қамиъадан ростгўйроқ ва яхшироқсан», деди[59].

 

Бадрда учрашишга ваъдалашув

 

Ибн Исҳоқ айтади: Абу Суфён қўшини билан йўлга чиқиш олдидан: «Сизлар билан келгуси йил Бадрда учрашамиз!», деб қичқирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларидан бирига: «Келишдик, ўша ерда учрашамиз», деб айтинг» деб буюрдилар[60].

 

Мушрикларнинг ҳаракат йўналишига ишонч ҳосил қилиш

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Алий ибн Аби Толибни мушриклар ортидан юбордилар, унга: «Уларнинг ортидан боринг, нима қилишаяпти, нима қилишмоқчи, ўрганинг. Агар отларини етаклаб, туяларга миниб олишган бўлса, демак, Маккага йўл олишган бўлади. Агар туяларини ҳайдаб, отларга минишган бўлса, Мадинани кўзлаган бўлишади. Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, агар Мадинани қасд қилган бўлишса, мен Мадинага бориб, улар билан жангга кираман», дедилар. Алий айтади: «Қавмнинг изидан бордим. Кўрдимки, улар отларини етаклаб, туяларига миниб, Маккага қараб йўл олишди»[61].

 

Ўлган ва яраланганларни сўраб-суриштириш

 

Қурайш кетганидан сўнг одамлар ўлган ва яраланганларни аниқлашга киришдилар. Зайд ибн Собит айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Уҳуд куни мени Саъд ибн Рабиъни қидириб топиш учун юбордилар ва: «Уни кўрсанг, мендан салом айтгин ҳамда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аҳволингиз қандай, деб сўраяптилар», дегин», дедилар. Мен ўликлар ичида айланиб юриб, уни сўнгги нафасларини олаётган ҳолда топдим. Унинг баданида найза, қилич ва камон ўқларидан қолган етмишдан ортиқ жароҳат бор эди. Мен унга: «Эй Саъд, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сизга салом йўлладилар ва аҳволингиз қандайлиги билан қизиқдилар», дедим. У: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга салом айтинг ва у зотга етказингки, мен жаннатнинг ҳидини топаяпман. Қавмдошларим ансорларга шу сўзларимни етказингки, агар сизлар ҳаёт бўла туриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга душман қўли етгудек бўлса, Аллоҳ ҳузурида сизлар учун бирон узр йўқдир», деди, сўнг шу оннинг ўзида жон таслим қилди»[62].

Ярадорлар ичида Усайрим – Амр ибн Собит – ҳам бўлиб, у ҳам сўнгги нафасларини олаётган эди. Шу пайтгача унга исломни қабул қилишни таклиф қилсалар, кўнмай келарди. Уни кўришиб: «Бу Усайрим-ку, нима мақсадда чиққан экан? Биз уни қўйиб келган эдик, у бу ишни ёқтирмас эди», дейишди. Кейин унинг ўзидан: «Сен нима мақсадда чиққан эдинг? Қавмингнинг ёнини олибми ё Исломга рағбат қилибми?», деб сўрадилар. У: «Йўқ, Исломга рағбат қилиб чиқдим, Аллоҳ ва Расулига иймон келтирдим, сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга жанг қилиб, мана кўриб турганингиз ҳолга тушдим», деб жавоб берди ва ўша заҳоти жон берди. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтиб беришган эди, у зот: «У жаннат аҳлидан», дедилар. Абу Ҳурайра айтади: «У Аллоҳ учун ҳали бирон марта ҳам намоз ўқимаган эди»[63].

Қузмонни ҳам ярадорлар ичидан топишди. У паҳлавонларча жанг қилиб, бир ўзи етти ё саккиз мушрикни ўлдирган эди. Оғир жароҳатдан силласи қуриб қолган Қузмонни Бану Зафарнинг ҳовлисига кўтариб келишди ва унга яхшилик билан хушхабар беришди. Шунда у: «Мен фақат қавмимнинг обрўси учун жанг қилдим, агар шуни ўйламасам, урушга кирмаган бўлардим», деди. Кейин жароҳати кучайиб кетгач, оғриғига чидай олмай у ўзини ўлдирди. Шунгача ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қачон у ҳақда гапирилса: «У дўзах аҳлидан», деб қўяётган эдилар. Ҳа, ватанпарварлик қилиб ёки Аллоҳнинг калимасини олий қилишдан бошқа ҳар қандай мақсад йўлида жангга кирган кишиларнинг оқибати – гарчи улар Ислом байроғи остида ва ҳатто пайғамбар ва саҳобалар билан бирга жангга кирган бўлсалар ҳам – ана шундай ачинарли бўлади.

Бунинг акси ўлароқ, ўликлар ичида Бану Саълабадан бўлган бир яҳудий ҳам бор эди. У қавмига: «Эй яҳудлар жамоаси, Муҳаммадга ёрдам кўрсатиш зиммамиздаги бурч эканини яхши биласизлар», деганида улар: «Бугун шанба куни, (яъни, биз шанба куни жанг қилмаймиз)», деб жавоб беришганди. Шунда у: «Сизлар учун шанба деган нарса йўқ», деди. Сўнг қиличини ва жангга керакли бошқа нарсаларини олиб: «Агар ҳалок бўлсам, мол-мулким Муҳаммаднинг ихтиёрида, у ўзи истаганидек тасарруф қилсин», деди, сўнг эрталабдан жангга кириб, то ўлгунича жанг қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у ҳақда: «Мухайриқ яҳудларнинг энг яхшисидир», дедилар[64].

 

Шаҳидларнинг дафн қилиниши

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шаҳидлар устида туриб: «Мен булар устида гувоҳманки, кимда-ким Аллоҳ йўлида жароҳатланса, Аллоҳ уни қиёмат куни жароҳатидан қон томиб турган ҳолида тирилтиради, қонининг ранги қон рангида, ҳиди эса мушк ҳидида бўлади», дедилар[65].

Айрим саҳобалар ўзларига қарашли ўликларни Мадинага олиб кетишган экан, уларни қайтариб олиб келиб, шаҳид бўлган жойларига дафн қилишни, шаҳидларни ювмасдан, темир совут ва теридан қилинган жанговор либосларини ечиб олгач, устиларидаги кийимлари билан дафн қилишни буюрдилар. Икки кишини биттадан кафанга ўрадилар, битта қабрга иккита ва учтадан шаҳидни дафн қилдилар. Қабрга қўйишда: «Қайси бирлари Қуръонни кўпроқ ёд биларди?», деб сўраб, қай бирини кўрсатилса, ўшани биринчи қўйдилар, «Мен қиёмат куни буларга гувоҳман», дедилар[66].

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ҳаром билан Амр ибн Жамуҳ иккаласини ўрталарида бўлган ўзаро меҳр-муҳаббат туфайли битта қабрга қўйдилар[67].

Ўликлар ичида Ҳанзаланинг жасади кўринмади, уни қидириб, бир четда, баданидан сув томиб турган ҳолда топдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг жасадини малоикалар ювганини айтдилар. Сўнг: «Оиласидан сўрангларчи, нега шундай бўлди экан?», дедилар. Аёлидан сўралганда (Ҳанзала унинг, яъни янги келичакнинг оғушида эканида жарчининг жангга чорловини эшитиб, шошилиб, ғусл қилмасданоқ чиқиб кетганини) айтиб берди. Шундан Ҳанзаланинг номи «Ғасилул-малоика» (фаришталар томонидан ювилган) деб аталди[68].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам амакилари ва эмикдош акалари бўлган Ҳамзанинг жасадига қилинган ваҳшийликни кўриб, қаттиқ изтироб чекдилар. Аммалари Софийя иниси Ҳамзани кўраман деб келганида унинг аҳволига кўзи тушиб қийналмасин, деган ниятда ўғли Зубайрга онасини у ердан олиб кетишни буюрдилар. Бироқ, Софийя: «Нега энди? Эшитишимча, укамнинг жасадини мусла[69] қилишибди. Аллоҳ йўлида бўлган экан, биз бундан албатта рози бўламиз. Мен Аллоҳдан ажр истаб, иншоаллоҳ, албатта сабр қиламан», деди, сўнг инисини бориб кўрди, истиржоъ[70] айтиб, унга дуо ва истиғфорлар айтди. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳамзани Абдуллоҳ ибн Жаҳш билан бирга дафн қилишга буюрдилар, у Ҳамзанинг опасининг ўғли ва эмикдош иниси эди.

Абдуллоҳ ибн Масъуд айтади: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни Ҳамза ибн Абдулмутталибга йиғлаганларидан кўра қаттиқроқ йиғлаганларини ҳечам кўрмаганмиз. Уни қибла томонга қўйдилар, сўнг жанозаларида турдилар ва овоз чиқариб, ҳўнг-ҳўнг йиғладилар[71].

Шаҳидларнинг аҳволи одамнинг юрак-бағрини эзиб юборадиган қайғули бир кўринишда эди. Хаббоб айтади: «Ҳамза учун битта йўл-йўл бурда (чопон)дан бошқа кафанлик топилмади. Бошини ўрасалар, оёқлари очилиб қолар, оёқларини ўрасалар боши очилиб қоларди. Уни бош томонига тортиб, оёқларини изхир (ўсимлиги) билан ўрадилар»[72].

Абдурраҳмон ибн Авф айтади: «Мусъаб ибн Умайр ўлдирилди, у мендан кўра яхшироқ одам эди, битта бурдага кафанланди, бошини ўралса оёқлари очилиб қоларди, оёқларини ўралса боши очилиб қоларди»[73]. Хаббобдан ҳам худди шундай ривоят қилинган. Унда айтилишича: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга: «У билан бошини ўранглар, оёқларига эса изхир тўшанглар», дедилар»[74].

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Парвардигорга ҳамду сано айтиб, дуо қилганлари

 

Имом Аҳмад ривоят қилади: Уҳуд куни мушриклар жўнаб кетишганидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сафларингизни текислангиз, мен Раббим азза ва жаллага ҳамду сано ўқимоқчиман», дедилар. Ҳаммалари у зотнинг орқаларида саф тортиб туришгач, қуйидаги дуоларни ўқидилар:

 

اللَّهُمَّ لَكَ الْحَمْدُ كُلُّهُ اللَّهُمَّ لَا قَابِضَ لِمَا بَسَطْتَ وَلا بَاسِطَ لِمَا قَبَضْتَ وَلا هَادِيَ لِمَا أَضْلَلْتَ وَلا مُضِلَّ لِمَنْ هَدَيْتَ ولا مُعْطِيَ لِمَا مَنَعْتَ وَلَا مَانِعَ لِمَا أَعْطَيْتَ وَلا مُقَرِّبَ لِمَا بَاعَدْتَ وَلَا مُبَاعِدَ لِمَا قَرَّبْتَ اللَّهُمَّ ابْسُطْ عَلَيْنَا مِنْ بَرَكَاتِكَ وَرَحْمَتِكَ وَفَضْلِكَ وَرِزْقِكَ

اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْأَلُكَ النَّعِيمَ الْمُقِيمَ الَّذِي لَا يَحُولُ وَلَا يَزُولُ اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْأَلُكَ النَّعِيمَ يَوْمَ الْعَيْلَةِ وَالْأَمْنَ يَوْمَ الْخَوْفِ اللَّهُمَّ إِنِّي عَائِذٌ بِكَ مِنْ شَرِّ مَا أَعْطَيْتَنَا وَشَرِّ مَا مَنَعْتَ اللَّهُمَّ حَبِّبْ إِلَيْنَا الْإِيمَانَ وَزَيِّنْهُ فِي قُلُوبِنَا وَكَرِّهْ إِلَيْنَا الْكُفْرَ وَالْفُسُوقَ وَالْعِصْيَانَ وَاجْعَلْنَا مِنْ الرَّاشِدِينَ اللَّهُمَّ تَوَفَّنَا مُسْلِمِينَ وَأَحْيِنَا مُسْلِمِينَ وَأَلْحِقْنَا بِالصَّالِحِينَ غَيْرَ خَزَايَا وَلَا مَفْتُونِينَ اللَّهُمَّ قَاتِلْ الْكَفَرَةَ الَّذِينَ يُكَذِّبُونَ رُسُلَكَ وَيَصُدُّونَ عَنْ سَبِيلِكَ وَاجْعَلْ عَلَيْهِمْ رِجْزَكَ وَعَذَابَكَ اللَّهُمَّ قَاتِلْ الْكَفَرَةَ الَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ إِلَهَ الْحَقِّ

 

«Эй Аллоҳим, барча мақтовлар фақат Сенгагина хосдир. Эй Аллоҳим, сен мўл-кўл қилган нарсани камайтира олувчи ва Сен камайтирган нарсани кўпайтира олувчи йўқ. Сен адаштирган кимсани ҳидоят қила олувчи ва Сен ҳидоят қилган кишини адаштира олувчи йўқ. Сен бермаган нарсани берувчи ва Сен ато этган нарсани тўхтатиб қолувчи йўқ. Сен узоқлаштирган нарсани яқинлаштирувчи ва Сен яқинлаштирган нарсани узоқлаштира олувчи йўқ. Эй Аллоҳим, бизларга Ўз баракотинг, раҳматинг, фазлинг ва ризқингни кенг-мўл қилгин.

Эй Аллоҳим, мен Сендан битмас туганмас неъмат сўрайман. Эй Аллоҳим, мен Сендан оғир кунда ёрдам, хавф-хатарли кунда омонлик-хотиржамлик сўрайман. Эй Аллоҳим, мен Сендан бизга ато этган нарсаларинг ёмонлигидан ҳам, бермаган нарсаларингнинг ёмонлигидан ҳам паноҳ сўрайман. Эй Аллоҳим, бизларга иймонни суюкли қилгин ва уни қалбларимизда зийнатли қилиб қўйгин. Бизларга куфрни, фосиқлик ва осийликни ёмон кўрсатгин. Бизларни тўғри йўлга йўлланганлардан қилгин. Эй Аллоҳим, бизларни мусулмон ҳолимизда, шарманда бўлмаган ва фитналанмаган ҳолимизда вафот эттириб, мусулмон ҳолимизда тирилтиргин ва солиҳ бандаларинг қаторига қўшгин. Эй Аллоҳим, пайғамбарларингни ёлғончи қиладиган ва Сенинг йўлингдан тўсадиган кофирларни ҳалок қилгин. Уларга Ўз азоб-уқубатингни юборгин. Эй Аллоҳим, аҳли китоблардан бўлган кофирларни Ўзинг ҳалок қилгин, эй барҳақ Илоҳим!»[75].

 

Мадинага қайтишлари

Муҳаббат ва фидокорликнинг ноёб намуналари

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шаҳидларни дафн қилишдан ҳамда Аллоҳга ҳамду санолар айтиш ва дуою илтижолар қилишдан фориғ бўлганларидан сўнг Мадинага қараб йўл олдилар. Жанг асносида у зотга нисбатан мўминлар тарафидан қандай муҳаббат ва фидокорлик намуналари зоҳир бўлган бўлса, йўл асносида содиқ мўмина аёллар тарафидан ҳам худди шундай ноёб фидокорлик ва муҳаббат кўринишлари зоҳир бўлди.

Йўлда Ҳамна бинт Жаҳшга дуч келдилар. Унга акаси Абдуллоҳ ибн Жаҳшнинг шаҳид бўлгани хабарини етказишди. У истиржоъ айтиб, акаси ҳаққига истиғфор айтди. Сўнг тоғаси Ҳамза ибн Абдулмутталибнинг шаҳид бўлганини айтишди. Унга ҳам истиржоъ ва истиғфор айтди. Кейин эри Мусъаб ибн Умайрнинг шаҳид бўлгани хабари айтилди. Шунда у фарёд кўтариб, йиғлаб юборди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аёл кишининг қалбида эри алоҳида ўрин тутади», деб қўйдилар[76].

Бану Динор қабиласидан бўлган бир аёлнинг ёнидан ўтдилар, унинг эри, акаси ва отаси Уҳудда шаҳид бўлган эди. Уларнинг хабари айтилганда у: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам нима бўлдил?», деб сўради. «Аллоҳга шукур, эй умму фулон, у зот сиз хоҳлагандек соғ-саломатлар», деб жавоб берилди. «Кўрсатинглар, мен у зотни ўз кўзим билан кўрай», деди. У зотга кўзи тушгач: «Сиз саломат экансиз, бас, бошқа ҳар қандай мусибат биз учун енгил», деди[77].

Саъд ибн Муознинг онаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонга қараб югуриб кела бошлади. Саъд у зотнинг отлари тизгинидан тутиб келаётган эди, «Ё Расулуллоҳ, онам», деди. «Хуш келибди», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, сўнг у учун тўхтадилар. Етиб келгач, ўғли Амр ибн Муознинг шаҳидлиги муносабати билан таъзия билдирдилар. У: «Сизни саломат кўрдим, бас, мусибатим анча енгиллади», деди. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Уҳудда шаҳид бўлганларнинг оилалари ҳаққига дуо қилдилар ва: «Эй Умму Саъд, хурсанд бўлинг ва шаҳидларнинг оилаларига хушхабар бериб айтингки, уларнинг шаҳидлари ҳаммаси жаннатда йиғилдилар ва ҳаммалари ўз аҳли оилаларига шафоатчи қилиндилар», дедилар. Умму Саъд: «Мингдан-минг розимиз ё Расулуллоҳ, мана шундай хушхабардан кейин энди уларга ким ҳам йиғларди?!», деди, сўнг: «Ё Расулуллоҳ, уларнинг орқасида қолганлар ҳаққига дуо қилинг», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Аллоҳим, уларнинг дилларидаги ғам-ғуссани кетказгин, мусибатларига малҳам қўйгин, (шаҳидларнинг) орқаларида қолган аҳли-авлодларини Ўзинг чиройли тарбият қилгин», деб дуо қилдилар[78].

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага кириб келадилар

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шу куни – 3 - ҳижрий шаввол ойининг еттинчиси, шанба куни – кечки пайт Мадинага етиб келдилар. Уйларига келгач, қиличларини қизлари Фотимага узатиб: «Бунинг қонини ювиб ташла эй қизим, Аллоҳга қасамки, у бугун менга содиқ хизмат қилди», дедилар. Алий ибн Аби Толиб ҳам қиличини узатиб: «Мана бунинг ҳам қонини ювгин, Аллоҳга қасамки, бу ҳам бугун менга садоқат кўрсатди», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Агар сиз садоқат билан жанг қилган бўлсангиз, сиз билан бирга Саҳл ибн Ҳунайф ва Абу Дужоналар ҳам садоқат билан жанг қилишди», дедилар.

 

Ҳар икки томондан ўлганлар сони

 

Кўпчилик ровийлар иттифоқига кўра, мусулмонлардан ўлганлар 70 киши бўлиб, мутлақ кўпчилиги ансорлардан эди. Улардан 65 киши – қирқ биттаси Хазраждан, йигирма тўрттаси Авсдан – шаҳид бўлди. Яҳудлардан бир киши ҳалок бўлди. Муҳожирлардан фақат тўрт киши шаҳид бўлди.

Ибн Исҳоқнинг айтишича, мушриклардан 22 киши ўлдирилган. Бироқ, ушбу жангнинг сийрат ва тарих китобларида зикр қилинган тафсилотларини, жангнинг турли босқичларида ўлдирилган мушриклар сонини чуқурроқ тадқиқ ва таҳқиқ қилиб кўрилганда мушриклардан ўлганлар сони йигирма иккита эмас, балки ўттиз еттита экани маълум бўлади, валлоҳу аълам[79].

 

Мадинада фавқулода ҳолат

 

Мусулмонлар Уҳуд жангидан қайтишган – 3- ҳижрий 8- шаввол якшанба куни – тунни фавқулодда ҳолатда ўтказдилар. Чарчаб, ҳолдан тойган бўлишларига қарамай, шу кеча Мадинанинг барча кириш-чиқиш йўлларини, шунингдек, шахсан бош қўмондонлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни қўриқлаб чиқдилар. Чунки, уларни ҳар томондан шубҳалар қамраб келаётган эди.

 

Ҳамроул-асад ғазоти

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шу куни тунни юзага келган ҳолат ҳақида фикр юритган ҳолда ўтказдилар. У зотнинг хавотирлари шундан эдики, мушриклар жанг майдонида қозонилган ғалабанинг самараларини кўрмасдан қайтиб кетишаётганидан пушаймон бўлиб, ортларига қайтишга ва Мадинага қайтадан ҳужум қилишга қарор қилиб қолишлари мумкин эди. Шу боис у зот Макка қўшинини таъқиб қилиш амалиётини ўтказишга қарор қилдилар.

Солномачиларнинг ёзишларича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Уҳуд жангининг эртаси, яъни 3- ҳижрий шаввол ойининг саккизинчиси, якшанба куни тонггида асҳобларини душман билан тўқнашувга чиқишга чорладилар ва: «Биз билан фақат кеча жангда иштирок этганларгина чиқсин!», дедилар. Абдуллоҳ ибн Убай бирга чиқишга изн сўраган эди: «Йўқ», деб жавоб бердилар. Мусулмонлар оғир жароҳатлар олган ва ҳолдан тойган бўлишларига қарамай, ҳаммалари бу чақириққа «лаббай» деб жавоб бердилар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқларига итоат қилишларини билдирдилар. Жобир ибн Абдуллоҳ жангга чиқишга изн сўраб: «Ё Расулуллоҳ, мен ҳам биронта жангдан қолмай, ҳаммасида сизнинг ёнингизда бўлишни истайман. Бироқ, отам мени сингилларимга бош қилиб қолдирган эди. Изн берсангиз, сиз билан бирга чиқсам», деган эди, унга изн бердилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонлар билан йўлга чиқиб, Мадинадан саккиз мил узоқликдаги Ҳамроул-асад деган жойгача бордилар ва ўша ерда қароргоҳ тикдилар.

Ўша ерда турганларида Хузоъа қабиласидан бўлган Маъбад ибн Абу Маъбад Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, исломни қабул қилди. Баъзилар уни мушрик бўлган, бироқ, Хузоъа билан Бану Ҳошим ўртасида бўлган иттифоқчилик туфайли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳамдардлик билдиргани келган, дейишган. У: «Эй Муҳаммад, асҳобларингиз хусусида сизга етган мусибатдан биз ҳам қайғурдик, Аллоҳ сизга офият беришини тилаймиз», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан Абу Суфён олдига бориб, уни чўчитиб қўйишини сўрадилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мушрикларнинг Мадинага қайтишга қарор қилишлари ҳақидаги хавотирлари ўринли бўлиб чиқди. Мушриклар Мадинадан ўттиз олти мил узоқликдаги Равҳоъ деган жойга бориб тушишгач, бир-бирларини маломат қила бошладилар. Баъзилари баъзиларига: «Ҳеч нарсага эриша олмадингиз, уларнинг шавкатини синдириб қўйиб, шу бўйи ташлаб кетавердингиз. Сизларга қарши қўшин тўплашга қурби келадиган бошлиқлари тирик қолаверди. Келинглар, орқага қайтиб, уларни таг-томири билан қуритиб ташлайлик», дейишди.

Афтидан, бу фикр ҳар икки гуруҳнинг моддий ва маънавий куч-қудратини тўғри баҳолай олмайдиган одамдан чиққан юзаки бир фикр эди. Шунинг учун масъул раҳбарлардан бўлган Сафвон ибн Умайя бунга қарши чиқди ва: «Эй қавм, бундай қилманглар! Мен уларнинг жангда иштирок этмай қолган Хазражни ҳам қўшиб, сизларга қарши жангга чиқишларидан хавотирдаман. Яхшиси, обрўларингиз борида қайтиб кетаверинглар. Агар яна қайта урушга кирсангиз, ғолиб бўлишингизга кўзим етмайди», деди. Бироқ, унинг бу гапи мутлақ кўпчиликнинг фикрини ўзгартира олмади ва Макка қўшини Мадинага юриш қилишга қарор қилди.

Абу Суфённинг қўшини йўлга чиқиши арафасида Маъбад ибн Абу Маъбд ал-Хузоий улар олдига етиб келди. Абу Суфён унинг мусулмон бўлганини билмаган эди. Шу боис ундан: «Ортингда нима хабарлар бор, эй Маъбад?», деб сўради. Маъбад унга қарши кучли асаб жангини (психологик уруш) бошлади: «Муҳаммад асҳоблари билан йўлга чиққан, сизларни таъқиб қилиб келмоқда. Уларнинг сони мен илгари асло кўрмаган даражада кўп. Ҳаммалари қасос алангасида ёнишмоқда. Ўша куни жангда иштирок этмаган кишилар бу ишларидан пушаймон бўлиб, қўшин сафига қўшилишган. Сизларга қарши уларнинг ғазаб-нафратлари шу қадар кучлики, мен унақасини асло кўрган эмасман».

Абу Суфён: «Ҳой, қуриб кетгур, нималар деяпсан ўзи?», деди.

«Худо ҳаққи, то отларнинг ёллари кўзга ташланмагунича ёки қўшиннинг олдинги сафлари мана бу тепалик ортидан чиқиб келмагунича юриш бошлашингни маслаҳат бермайман», деди Маъбад.

Абу Суфён: «Худо ҳаққи, биз уларни таг-томири билан қуритиб ташлаш учун ҳужум уюштиришга қарор қилиб турибмиз-ку», деди.

«Ундай қила кўрма, менинг сенга насиҳатим шу», деди у.

Шу билан Макка қўшинининг қатъияти синди, уларни қўрқув ва хавотир эгаллади, жонларининг омонлигини Маккага қайтишда деб кўра бошлашди. Бироқ, Абу Суфён ҳам ислом қўшини таъқиб қилишни тўхтатсин деган ниятда ва тўқнашувдан четлашишга муваффақ бўлиш умидида уларга қарши асаб жанги олиб боришга қарор қилди. Абдулқайс қабиласининг Мадинага қараб бораётган карвони улар ёнидан ўтиб кетаётган эди. Абу Суфён уларга: «Муҳаммадга мендан бир хабар етказа оласизларми? Агар шундай қилсангиз, эвазига Маккага қайтганингиздан сўнг Укоз бозорида мен сизларга бир туя кўтаргудек майиз бераман», деди. Улар: «Хўп», дейишди. «Ундай бўлса, Муҳаммадга биз уларни таг-томирлари билан йўқ қилиб ташлаш учун яна қайта ҳужум қилмоқчи эканимизни етказиб қўйинглар», деди.

Карвон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларига ҳали Ҳамроул-асадда экан пайтларида етиб борди ва у зотга Абу Суфённинг сўзларини етказди. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай хабар беради: «Ундай зотларга айрим кимсалар: «Қурайш одамлари сизларга қарши (саноқсиз лашкар) тўплаган; қўрқингиз!» — деганларида бу гап уларнинг иймонларини зиёда қилди ва: «Бизга ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи кифоя. У зот энг яхши ишончли вакилдир!» — дедилар. Бас, у юришдан бирон нохушлик етмай Аллоҳнинг неъмат ва фазли билан қайтдилар. Улар Аллоҳнинг ризолигини истадилар. Аллоҳ эса улуғ фазлу марҳамат соҳибидир» (Оли Имрон: 173, 174).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳамроул-асадга якшанба куни келган бўлсалар, душанба, сешанба, чоршанба кунлари – 3- ҳижрий шаввол ойининг 9, 10, 11 кунлари – ўша ерда туриб, сўнг Мадинага қайтиб келдилар. Мадинага қайтишларидан олдин Абу Изза ал-Жумаҳийни – Бадрда асирга тушганида камбағаллиги ва қизларининг кўплиги сабабли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонларга қарши бирон ҳаракатга қўшилмаслиги шарти билан марҳамат кўрсатиб қўйиб юборган, бироқ шартни бузиб ва аҳдга хиёнат қилиб, ўз шеърлари билан арабларни мусулмонларга қарши жангга чорлаган ва ўзи ҳам Уҳудга чиққан шоирни – қўлга туширдилар. Шунда у: «Эй Муҳаммад, менга шафқат қилинг, қизларимга раҳмингиз келсин, қайтиб бундай ишга қўл урмасликка сўз бераман», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бугундан кейин Маккада керилиб: «Муҳаммадни икки марта лақиллатиб кетдим» деб юрмайсан, мўмин киши бир ковакдан (яъни, газанданинг инидан) икки марта чақилишига йўл қўймайди» (яъни, ўзбекларнинг мақолида айтилганидек, кўр ҳассасини бир марта йўқотади), дедилар, сўнг Зубайрга – ёки Осим ибн Собитга – унинг бошини танидан жудо қилишга буюрдилар.

Шунингдек, Макка жосусларидан бир жосусни, яъни Муовия ибн Муғийра ибн Абул-Осни – Абдулмалик ибн Марвоннинг она томондан бобосини – қатл қилишга ҳукм қилдилар. Сабаби, Уҳуд жангидан сўнг мушриклар қайтиб кетишгач, Муовия амакиваччаси Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуникига келган, Усмон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан унга омонлик тилаганида у зот омонлик берган, бироқ уч кун ичида жўнаб кетмаса ўлдирилиши билан огоҳлантирган эдилар. Мадина исломий қўшиндан бўшаб қолгач, у бу ерда Қурайш фойдасига жосуслик қилиб, уч кундан ортиқ қолиб кетди ва қўшин қайтиб келганидан сўнг Мадинадан қочиб чиқиб кетди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқлари билан Зайд ибн Ҳориса билан Аммор ибн Ёсир уни ортидан қувиб етиб, қатл қилдилар[80].

Шубҳасиз, Ҳамроул-асад ғазоти мустақил ғазот эмас, балки Уҳуд ғазотининг бир қисми ва унинг саҳифаларидан бир саҳифадир.

Сиз юқорида Уҳуд жангининг барча босқичлари ва тафсилотлари билан танишиб чиқдингиз. Тадқиқотчилар ушбу жангнинг натижаси мағлубият бўлдими, йўқми, деган савол атрофида кўп баҳслар юритишган. Шубҳа йўқки, жангнинг иккинчи босқичида ҳарбий устунлик мушриклар томонида бўлди ва жанг майдони улар назорати остига ўтди. Мусулмонлар томонидан берилган қурбонларнинг сони ҳам анча кўп бўлди, мўминларнинг бир тоифаси мағлубиятни бўйинларига олиб қўйишди. Урушнинг тегирмон тоши Макка лашкари фойдасига айланди. Бироқ, мана шуларнинг ҳаммасини тўла ғалаба ва зафар деб аташга монеълик қиладиган бир неча ишлар бор.

Шубҳа йўқки, Макка қўшини мусулмонлар қароргоҳини истило қилишга қодир бўлмади. Мадина қўшинидан мутлақ кўпчилиги – оммавий тартибсизлик ва қаттиқ парокандалик юзага келган бўлса-да – қочишга уринмадилар, аксинча, бошқарув қароргоҳи атрофида жипслашиб, матонат билан жангни давом эттирдилар, тарозининг палласи Макка қўшини уларни олдига солиб қувиши даражасига тушиб кетмади. Мадина қўшинидан бирон киши кофирлар қўлига асирга тушмади, кофирлар мусулмонлардан ўлжаларни қўлга кирита олишмади. Мусулмонлар ўз қароргоҳларидан чекинмасдан турган бўлишларига қарамай, кофирлар жангнинг учинчи, ҳал қилувчи босқичини бошлашга ботинишмади. Ўша замондаги ғолибларнинг одатича, мушриклар жанггоҳда икки-уч кун турмадилар, балки жанг майдонини мусулмонлардан олдин тарк қилишга ва Маккага қараб жўнаб кетишга шошилдилар. Мусулмонларнинг бола-чақалари ва мол-мулкларини қўлга киритиш мақсадида Мадинага бостириб боришга журъат қилишолмади. Ваҳоланки, Мадинага бир неча одим қолган, у тўлалигича очиқ ва ҳимоясиз эди.

Мана шулардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Қурайш мусулмонларга жиддий шикаст етказишга муваффақ бўлишдан бошқа нарсага эришолмади, исломий қўшинни қуршаб олганидан сўнг кўзлаган мақсадлари, яъни уларни тамомила қириб ташлаш режаси барбод бўлди. Аслида, кўп ҳолларда ғолибларга ҳам мусулмонларга етгани каби шикастлар етади. Аммо, Қурайшнинг мана шу муваффақиятини ғалаба ва зафар деб аташ асло тўғри бўлмайди.

Аксинча, Абу Суфённинг тезроқ қайтиб кетишга шошилишидан жангнинг учинчи саҳифаси очилгудек бўлса, қўшинининг шармандали мағлубиятга дучор бўлишидан қўрққанлиги маълум бўлади. Унинг Ҳамроул-асад ғазотидаги ҳатти-ҳаракатларини кузатсак, бу нарса яна ҳам очиқроқ кўринади.

 Демак, Уҳуд ғазоти узил-кесил ажрим бўлмаган жанг бўлди. Яъни, ҳар икки томон маълум даражада муваффақиятга ҳам эришди, зарар ҳам кўрди. Ҳар икки томон ҳам жанг майдонидан қочиб кетмаган ва ўз қароргоҳини душман истилосига топшириб қўймаган ҳолда чиқиб кетди.

Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти ҳам шу маънога ишора қилади: «Бу кофир қавмни қувишда сусткашлик қилмангиз! Агар қийналаётган бўлсангизлар, улар ҳам сизлар қийналганингиздек қийналмоқдалар. (Шу билан бирга) сизлар Аллоҳ томонидан улар умид қилмаган нарсани (яъни савобни, шаҳидлик неъматига муяссар бўлишни, қолаверса, ғалаба қозонишни) умид қилмоқдасизлар-ку?! Аллоҳ билим ва ҳикмат эгаси бўлган зотдир» (Нисо: 104). Ушбу оятда ҳар икки тарафни қийинчилик ва зарар тортишда бир-бирига ўхшатилдики, бу ҳар икки томоннинг ҳолати бир-бирига жуда ўхшаш бўлганини ва ҳар икки томон ғолиб бўлмаган ҳолда жанг майдонини тарк этганини англатади.

 

Қуръон жанг мавзуси атрофида сўз юритади

 

Мазкур жанг босқичларининг барчасини босқичма-босқич ёритиб берувчи Қуръон оятлари нозил бўлди. Уларда шу қадар катта талафотга олиб келган сабаблар баён қилиб берилди, мана шундай муҳим паллаларда иймон аҳлининг баъзи тоифаларида ўзларига топширилган вазифаларга нисбатан, шунингдек, ушбу уммат қўлга киритиши ва уни энг яхши уммат сифатида бошқалардан ажратиб туриши лозим бўлган олийжаноб ва улкан мақсадларга нисбатан ҳали-ҳануз мавжуд бўлиб келган кучсиз томонларни кўрсатиб берилди.

Қуръон, шунингдек, мунофиқларнинг ушбу жангдаги ҳатти-ҳаракатлари ҳақида ҳам сўз юритиб, уларни шармандаи-шармисор қилди, ичларидаги Аллоҳ ва расулига бўлган яширин адоватларини очиб ташлади, бу мунофиқлар ва уларнинг фитнаю адоват чиқаришни ўзларига касб қилиб олган яҳудий ҳамтовоқлари томонидан қўзғотилиб, айрим иймони заиф мусулмонлар қалбига ўралашиб қолган шубҳа-гумонлар ва васвасаларни йўқотиб ташлади, ушбу жангнинг келиб чиқишига олиб келган мақтовга сазовор ғоялар ва ҳикматларга ҳам ишора қилди.

Ушбу жанг мавзуси атрофида «Оли Имрон» сурасидан олтмиш оят нозил бўлган бўлиб, уларнинг аввали жангнинг энг биринчи босқичини зикр қилувчи: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), аҳли оилангиз ҳузуридан чиқиб, мўминларни урушадиган жойларига тахт қилиб қўйган пайтингизни эсланг!» (Оли Имрон: 121) ояти билан бошланиб, охирида жангнинг натижалари ва ҳикматларини ўз ичига олувчи таълиқ (шарҳу изоҳ) билан якунланади: «Аллоҳ мўминларни сизлар бўлган мана шу ҳолатда (яъни ким мўмин-у, ким мунофиқлиги маълум бўлмаган ҳолатда) ташлаб қўювчи эмас. Ҳали у (Уҳудда мунофиқларни мўминлардан ажратиб қўйгани каби) нопокни покдан ажратади. Аллоҳ сизларни ғайб илмидан хабардор қилмади. Лекин Аллоҳ пайғамбарларидан Ўзи истаган зотларни сайлаб олур (ва уни ғайбдан огоҳ қилур). Бас, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарларига иймон келтирингиз! Агар иймон келтириб, Аллоҳдан қўрқсангиз, сизлар учун улуғ ажр-мукофот бордир» (Оли Имрон: 179).

 

Ушбу ғазот остидаги ҳикмат ва ғоялар

 

Ибнул Қаййим ушбу мавзуда батафсил сўз юритган[81].

Ибн Ҳажар айтади: Уламоларнинг айтишларича, Уҳуд воқеаси ва унда мусулмонларга етган мусибатлар остида кўп улуғ фойдалар ва раббоний ҳикматлар бор. Жумладан:

- Мусулмонларга итоатсизликнинг ёмон оқибатларини ва тақиқланган ишни қилишнинг зарарларини билдириб қўйиш. Зеро, барча кўргиликлар камончиларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қимирламай туришга буюрган ўринларини ташлаб кетишлари оқибатида содир бўлди;

- Одатда, пайғамбарлар синов ва имтиҳонларга дучор қилиниб, оқибат улар фойдасига бўлади. Бундаги ҳикмат шуки, агар улар доим ғолиб бўлаверсалар, мўминлар сафига улардан бўлмаган кимсалар ҳам кириб қолишар ва ҳақиқий мўминни бошқасидан ажратиб бўлмай қоларди. Аксинча, доим мағлуб бўлаверишса ҳам пайғамбар юборилишдан кўзда тутилган мақсад ҳосил бўлмай қоларди. Шу боис содиқни козибдан ажратиб олиш учун ҳар икки иш ўртасини жамлаш ҳикмат тақозосидан бўлди. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, мунофиқларнинг нифоқи мусулмонлардан махфий эди, мазкур воқеа содир бўлгач ва мунофиқларнинг нифоқлари тилга ва амалга кўчгач, ҳамма нарса ошкор бўлди, мусулмонлар қўйинларида яшириниб ётган илонларни таниб олдилар ва улар билан ҳушёр бўлиб муомала қиладиган бўлдилар;

- Баъзи ўринларда ғалабанинг кечикишида нафсни енгиш ва унинг кибрини синдириш ҳосил бўлади. Ушбу жангда ҳам имтиҳон келганда мўминлар сабр қилдилар, мунофиқлар эса жазавага тушдилар.

- Аллоҳ таоло мўмин бандаларига Ўзининг каромат ҳовлиси (Жаннат)да шундай мартабаларни ҳозирлаб қўйганки, у мартабаларга эришишга амаллари кифоя қилмайди. Шу боис ана шу мартабаларга эришишлари учун уларга меҳнат ва синов сабабларини тайёрлаб қўйди;

- Шаҳидлик авлиёларнинг (яъни Аллоҳнинг дўстларининг) энг олий мартабаларидан, шу боис уларга шу мартабани ато этди;

- Аллоҳ таоло Ўзининг душманларини ҳалок қилишни истади. Шу боис уларни ҳалокатга элтадиган сабабларга, яъни куфр ҳамда Унинг дўстларига зулму тажовузлар қилишга буриб қўйди. Бу билан мўминларнинг гуноҳларини ўчириб, кофирларни ҳалок қилди[82].



[1] Зодул-маоддаги (2/92) бу фикр машҳурроқ, Фатҳул Борийга кўра (7/346) 100 отлиқ бўлган.

[2] Ас-сийратул-ҳалабийя (2/14).

[3] Аҳмад, Насоий, Ҳоким, Ибн Исҳоқ ривоят қилганлар, Бухорий «Иътисом»да 28-боб сарлавҳасида зикр қилган

[4] Ибнул Қаййим (2/92): «Элликта отлиқ ҳам бор эди», дейди. Бироқ, Ибн Ҳажар буни хато санаб, айтади: «Мусо ибн Уқба лашкар ичида биронта ҳам от бўлмаганини таъкидлаган. Воқидийда эса: «Улар билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг битта отлари ва Абу Бурданинг битта оти бор эди», дейилади» (Фатҳул Борий: 7/350).

[5] Ибн Ҳишом: 2/65, 66.

[6] Ибн Аббосдан Аҳмад, Табароний ва Ҳоким ривоят қилганлар. Қаранг: Фатҳул Борий: 7/350.

[7] Саҳиҳул Бухорий: Китобул-жиҳод: 1/426.

[8] Ас-сийрутал-ҳалабия: 2/18.

[9] Ибн Ҳишом: 2/68, 69.

[10] Ибн Ҳишом: 2/69.

[11] Ибн Ҳишом: 2/69-72, Саҳиҳул Бухорий: 2/583. Ваҳший Тоиф жангидан сўнг мусулмон бўлди, ўша найзаси билан Мусайлама каззобни ўлдирди, румликларга қарши Ярмук жангида иштирок этди.

[12] Ҳанзаланинг лақаби «Ғасил» (ювиб қўйилган) ёки «Ғасилул-малоика» (фаришталар тарафидан ювилган) бўлиб, бунинг сабаби қуйироқда, «Шаҳидларнинг дафн қилиниши» қиссасида келади.

[13] Фатҳул Борий: 7/346.

[14] Ибн Ҳишом: 2/77.

[15] Саҳиҳул Бухорий: 2/579.

[16] Бухорий Бароъ ибн Озиб ҳадисида келтирган: 1/426.

[17] «Саҳиҳул Муслим»да (2/107) айтилганидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Уҳуд куни 7 ансорий ва 2 муҳожир саҳобалари билан ёлғиз қолгандилар.

[18] «Ҳолбуки пайғамбар ортингизда сизларни чорламоқда эди» (Оли Имрон: 153) ояти шунга далолат қилади.

[19] Саҳиҳул Бухорий: 1/539, 2/581, Фатҳул Борий: 7/351, 362, 363. Бухорийдан бошқалар зикр қилишадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳузайфага отасининг диясини (хун пулини) бермоқчи бўлганларида у: «Отамнинг диясини мусулмонларга садақа қилдим», деган, бу иши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам наздиларида Ҳузайфанинг обрўсини яна ҳам орттирган эди.

[20] Зодул-маод: 2/93-96, Саҳиҳул Бухорий: 2/579.

[21] Ас-сийратул-ҳалабия: 2/22.

[22] Зодул-маод: 2/96.

[23] Саҳиҳ Муслим: 2/107.

[24] Бироздан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига бир гуруҳ мусулмонлар етиб келиб, кофирларни Амора ёнидан суриб, уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг яқинларига келтиришди. У зот оёқларини унга тўшадилар ва у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оёқларига бош қўйганча вафот этди (Ибн Ҳишом: 2/81).

[25] Саҳиҳул Бухорий: 1/527, 2/581.

[26] «Қамиъа» араб тилида тубан, пасткаш, хор маъноларини англатади. Шу боис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг мақтаниб айтган «Мен Қамиъанинг ўғлиман» деган сўзига жавобан айни шу сўз билан ўзакдош феълни ишлатиб: «Ақмаъакаллоҳ», яъни Аллоҳ сени хор қилсин, деб дуо қилдилар (таржимон изоҳи). У зотнинг дуоларини Аллоҳ ижобат қилди. Ибн Оиздан ривоят қилинишича: «Ибн Қамиъа уйига қайтганидан сўнг чорвасини боқиб юриб, тоғ чўққисига чиқиб кетган қўй-эчкиларини қайтариб тушиш учун чиққанида ўзининг бир эчкиси уни қаттиқ сузиб, тоғдан қулатиб юборди ва у парча-парча бўлиб кетди» (Фатҳул Борий: 7/373). Табароний ривоятида: «Аллоҳ унга тоғ эчкисини рўбарў қилди, у уни сузавериб, тилкалаб ташлади» (Фатҳул Борий: 7/366).

[27] Саҳиҳул Бухорий: 2/582, Саҳиҳ Муслим: 2/108.

[28] Фатҳул Борий: 7/373.

[29] Саҳиҳ Муслим: 2/108.

[30] Китобуш-шифо битаърифи ҳуҳуқил-мустафо: 1/81.

[31] Саҳиҳул Бухорий: 1/407, 2/580, 581.

[32] Фатҳул Борий: 7/361, Сунан ан-Насоий: 2/52.

[33] Фатҳул Борий: 7/361.

[34] Саҳиҳул Бухорий: 1/527, 581.

[35] Термизий: Маноқиб (3740-ҳ), Ибн Можа: Муқаддима (125-ҳ).

[36] Фатҳул Борий: 7/361.

[37] Мухтасар тарих Димашқ: 7/82.

[38] Саҳиҳул Бухорий: 2/580. Муслимда ҳам шунга ўхшаш ривоят келган (Ал-фазоил: 4/1082).

[39] Зодул-маод: 2/95.

[40] Алий ибн Аби Толиб айтади: «Уҳуд куни одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам атрофларидан узоқлашиб кетганда мен ўликларни қараб чиқиб, улар ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрмадим, сўнг: «Аллоҳга қасамки, у киши ҳаргиз қочиб кетмаганлар, ўликлар ичидан ҳам топмадим. Демак, Аллоҳ таоло бизнинг қилиғимиздан ғазабланиб, пайғамбарини юқорига олиб чиқиб кетган бўлса керак. Энди мен учун то ўлгунимча жанг қилишдан бошқа ишда яхшилик йўқ», дедим-да, қиличимнинг қинини синдириб ташладим, сўнг қавм устига ҳамла қилдим, шунда улар менга ўртани очиб беришди. Қарасам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг ўрталарида эканлар» (Муснад Абу яъло: 1/416, 546-ҳ).

[41] Зодул-маод: 2/97.

[42] Саҳиҳул Бухорий: 2/581.

[43] Саҳиҳул Бухорий: 1/406.

[44] Зодул–маод: 2/97, Ибн Ҳишом: 2/73, 80–83.

[45] Саҳиҳ Бухорий: 2/582.

[46] Бунинг тафсилоти шундай бўлганди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккадаликларида мана шу Убай у киши билан йўлиқиб қолса: «Эй Муҳаммад, менинг бир отим бор, уни ҳар куни бир фарақ маккажўхори билан емлаб боқяпман. Сени шу отим устида ўлдираман», дерди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Йўқ, иншоаллоҳ, мен сени ўлдираман», дердилар.

[47] Ибн Ҳишом: 2/84, Ҳоким, Мустадрак: 2/327.

[48] Ибн Ҳишом: 2/86, Термизий (1692, 3739-ҳ), Аҳмад (1/165) ривоятлари, Ҳоким саҳиҳ санаган (3/374) ва Заҳабий унга мувофиқ бўлган.

[49] Ибн Ҳишом: 2/86.

[50] Зодул-маод: 2/95.

[51] Ибн Ҳишом: 2/90.

[52] Ал-бидая ван-ниҳая: 4/17.

[53] Саҳиҳул Бухорий: 288, 2902, 3811, 4064 – ҳадислар.

[54] Саҳиҳул Бухорий: 2881, 4071 – ҳадислар.

[55] Ас-сийратул-ҳалабия: 2/22.

[56] Саҳиҳул Бухорий: 2/584.

[57] Ас-сийратул-ҳалабия: 2/30.

[58] Ибн Ҳишом: 2/87.

[59] Ибн Ҳишом: 2/93, 94, Зодул-маод: 2/94, Саҳиҳул Бухорий: 2/579.

[60] Ибн Ҳишом: 2/94.

[61] Ибн Ҳишом: 2/94. «Фатҳул-Борий»да айтилишича, мушриклар ортидан борган киши Саъд ибн Аби Ваққос бўлган экан (7/347).

[62] Зодул-маод: 2/96.

[63] Зодул-маод: 2/97, 98, Ибн Ҳишом: 2/88.

[64] Ибн Ҳишом: 2/88, 89.

[65] Ибн Ҳишом: 2/98.

[66] Саҳиҳул Бухорий маъал-фатҳ: 3/248 (1343, 1346, 1348, 1353, 4079-ҳадислар).

[67] Саҳиҳул Бухорий: 2/584, Зодул-маод: 2/98.

[68] Зодул-маод: 2/94.

[69] Мусла – қулоқ, бурун каби аъзоларини кесиш.

[70] Истиржоъ – إِنَّا لِلَّهِ وَإِنَّا إِلَيْهِ رَاجِعُونَ (Биз Аллоҳникимиз ва албатта Унинг ҳузурига қайтувчимиз) дейишлик.

[71] Ибн Шозон ривоят қилган. Қаранг: Шайх Абдуллоҳ ан-Наждий: «Мухтасар сийрат ар-расул»: 255 с.

[72] Аҳмад ривояти, Мишкотул-масобиҳ: 1/14.

[73] Саҳиҳул Бухорий маъал-фатҳ: 3/168, 169 (1247, 1275, 4045-ҳадислар).

[74] Саҳиҳул Бухорий маъал-фатҳ: 3/170 (1276, 3897, 3913, 3914, 4047, 4082, 6432, 6448-ҳадислар).

[75] Бухорий «Ал-адабул-муфрад»да (699-ҳ), Аҳмад «Муснад»да (3/424) ривоят қилганлар.

[76] Ибн Ҳишом: 2/98.

[77] Ибн Ҳишом: 2/99.

[78] Ас-сийратул-ҳалабия: 2/47.

[79] Ибн Ҳишом: 2/122–129, Фатҳул Борий: 7/351, Муҳаммад Аҳмад Башмил: «Уҳуд жанги»: 278–280-с.

[80] Уҳуд ва Ҳамроул-асад ғазотларининг тафсилотини Ибн Ҳишомдан (2/60-129), «Зодул-маод»дан (2/91-108), «Фатҳул Борий маъа Саҳиҳил Бухорий»дан (7/345-377), Абдуллоҳ Наждийнинг «Мухтасар сийрат ар-расул»идан (242-257) олдик. Бошқа манбаларни ҳам ўз ўрнида кўрсатиб ўтдик.

[81] Қаранг: Зодул-маод: 2/99-108.

[82] Фатҳул Борий: 7/347.


Qayd etilgan


lolo  25 Noyabr 2009, 07:50:37

УҲУД ВА АҲЗОБ ҒАЗОТЛАРИ ОРАЛИҒИДАГИ ЖАНГОВОР ҲАРАКАТЛАР

 

Уҳуд фожеаси мусулмонлар учун анча ёмон асоратлар қолдирди. Уларнинг шавкатлари синиб, диллардан ҳайбатлари кетиб қолди, мўминларга ички ва ташқи тарафдан қийинчиликлар кучайди, Мадинани ҳар тарафдан хавф-хатар ўраб кела бошлади. Яҳудлар, мунофиқлар ва бадавий араблар адоватларини очиқдан-очиқ изҳор қила бошладилар, улардан ҳар бир тоифа мўминларни ҳақоратлашга урина бошлади, ҳатто уларни йўқ қилиш ва илдизларини қуритиб ташлаш ҳаракатига тушиб қолишди.

Ушбу жангдан икки ой ўтмасдан Бану Асад қабиласи Мадинага ҳужум қилишга ҳозирланиб қолди. Сўнг 4- ҳижрийнинг сафар ойида Адол ва Қора (عضل وقارة) қабилалари ўнта саҳобанинг ўлимига сабаб бўлган бир ҳийла-найранг уюштиришди. Шу ойнинг ўзида Омир ибн Туфайл ал-Омирийнинг гиж-гижлаши билан бир неча қабилалар етмишта саҳобани ўлдиришди, бу фожеа «Биър Маууна» ҳодисаси деб аталди. Бу орада Бану Назир давомий равишда ўз адоватини ошкор қилиб келди, ҳатто 4- ҳижрийнинг рабиул-аввалида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга суиқасд уюштирди. Бану Ғатафоннинг журъати ортиб, 4- ҳижрийнинг жумодул-увло ойида Мадинага ҳужум қилиш тараддудига тушди.

Уҳуд жангида кетган шавкатлари туфайли мусулмонлар анча пайтгача ана шундай хатарлар таҳдиди остида қолишди. Лекин, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб борган доно сиёсат ва тадбирлар ушбу оқимларнинг йўлларини тўсиб, мусулмонларга йўқотилган шавкат ва ҳайбатларини яна қайтариб берди, уларни яна янгидан олийлик ва улуғликка эриштирди. У зотнинг бу борада биринчи қўйган қадамлари Қурайш ортидан Ҳамроул-асадгача таъқиб қилиб бориш амалиёти бўлди. Шу билан ислом лашкарининг обрў-эътибори бир қадар сақланиб қолди. Сал кейинроқ эса мусулмонларга ҳайбатларини қайтариб берган ва ҳатто илгаригидан ҳам зиёда ҳайбатга эга қилган бир неча жанговор юришларни олиб бордилар. Қуйида ана шу юришлар ҳақида айрим маълумотлар бериб ўтамиз.

 

Абу Салама сарийяси

 

Уҳуд воқеасидан кейин мусулмонларга қарши биринчи бўлиб Бану Асад ибн Хузайма қабиласи хуруж қилди. Хабарчилар Хувайлиднинг икки ўғли Талҳа ва Салама ўз қавмлари ва уларга тобеъ бошқа уруғлар билан биргаликда Бану Асад ибн Хузайма қабиласини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарши уруш қилишга чорлаётганлари хабарини келтирдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бунинг олдини олиш мақсадида муҳожир ва ансорлардан иборат 150 кишилик сарийяни юбордилар, унга Абу Саламани амир қилиб, байроқ боғлаб бердилар. Абу Салама Бану Асад ибн Хузаймага ҳали улар урушга йўл олмасларидан туриб, ўз диёрларида эканида етиб бориб, ҳамла қилди. Улар тумтарақай бўлиб кетишди. Мусулмонлар уларга қарашли туя ва қўй подаларини ўлжа қилиб ҳайдаб кетишди ва соғ-саломат, жангсиз Мадинага қайтиб келишди.

Ушбу сарийянинг юборилиши 4- ҳижрий муҳаррам ойининг бошида бўлди. Қайтишда Абу Саламанинг Уҳудда олган жароҳати очилиб кетиб, кўп ўтмай у вафот этди[1].

 

Абдуллоҳ ибн Унайснинг махсус топшириқ билан юборилиши

 

Шу ойнинг – 4- ҳижрий муҳаррамнинг – бешинчи куни хабарчилар Холид ибн Суфён ал-Ҳузалийнинг мусулмонларга қарши қўшин тўплаётгани хабарини келтирдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абдуллоҳ ибн Унайсни уни тинчитиб келишга юбордилар.

Абдуллоҳ ибн Унайс ўн саккиз кун йўқ бўлиб кетди ва муҳаррамнинг йигирма учинчисида, шанба куни Маадинага етиб келди. У Холидни ўлдириб, калласини олиб келган экан. Уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига қўйди. Шунда у зот унга бир асо бериб: «Бу асо қиёмат куни сен билан менинг ўртамиздаги белгидир», дедилар. Вафоти яқинлашгач, Абдуллоҳ ибн Унайс ўша асони ўзи билан бирга, кафани ичига қўйишлариин васият қилган экан[2].

 

Ражиъ воқеаси

 

Шу йилнинг – тўртинчи ҳижрийнинг – сафар ойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига Адол ва Қора қавмидан кишилар келишиб, улар ичига Ислом кириб борганини айтишиб, уларга дин таълимини берадиган ва Қуръон ўргатадиган кишиларни қўшиб беришларини сўрадилар. Ибн Исҳоқнинг сўзларига кўра, олти нафар саҳобани уларга қўшиб юбордилар, Бухорий ривоятига кўра, улар ўн киши бўлганлар. Ибн Исҳоққа кўра, уларга Марсад ибн Аби Марсад ал-Ғанавийни амир қилиб тайинладилар, Бухорий ривоятига кўра, Осим ибн Собитни – Осим ибн Умар ибн Хаттобнинг бобосини – амир қилдилар. Улар ҳалиги қавм билан бирга жўнаб кетишди. Робиғ билан Жидда оралиғида Ҳижоз еридаги Ҳузайл қабиласига тегишли Ражиъ номли сувли ерга (қудуққа) етишганда улар Ҳузайлнинг Бану Лаҳён деган маҳалласи аҳлини мусулмонларга қарши ёрдамга чорлаб, фарёд кўтаришди. Юзга яқин камончилар улар ортидан қувиб бориб, уларни қуршаб олишди. Мусулмонлар бир тепаликка чиқиб олишганди. «Агар таслим бўлиб, олдимизга тушиб келсангиз, бирортангизни ҳам ўлдирмасликка сўз берамиз», дейишди улар. Осим уларга таслим бўлишдан бош тортиб, шериклари билан бирга жанг қилишди ва улардан етти киши камон ўқидан ҳалок бўлишди. Хубайб ибн Адий, Зайд ибн Дасинна ва яна бир киши қолишди. Иккинчи маротаба ўлдирмасликка аҳд берилгач, уччалови улар олдига тушиб бордилар. Бироқ, улар аҳдга хиёнат қилиб, уларни камонларининг ипи билан боғлаб ташлашди. Учинчи киши: «Бу хиёнатнинг бошланиши», деди-да, улар билан боришдан бош тортди. Уни судраб, юришга мажбур қилишди, аммо у оёқ тираб туриб олди. Шундан сўнг уни ўлдиришди. Хубайб билан Зайдни эса Маккага олиб бориб, сотиб юборишди. Бу иккиси Бадрда уларнинг бошлиқларидан баъзиларини ўлдиришган эди. Хубайбни анча вақт қамаб қўйишди, сўнг қатл қилишга қарор қилишиб, Ҳарамдан Танъимга олиб чиқишди. Осиб ўлдирмоқчи бўлиб турганларида Хубайб: «Менга имкон беринглар, икки ракъат намоз ўқиб олай», деди. Улар уни бўшатишди. У икки ракъат намоз ўқиди. Салом бергач: «Аллоҳга қасамки, агар ўлимдан қўрққанидан қилди, дейишларингиз бўлмаса эди, яна ҳам узунроқ ўқиган бўлардим», деди. Сўнг: «Эй Аллоҳим, буларни бирма-бир ҳисобини олгин ва тирқиратиб ҳалок қилгин, улардан бирортасини ҳам қолдирмагин» деб дуо қилди, кейин қуйидаги шеърни ўқиди:

 

لقد أجمع الأحزاب حولي و ألَّبُوا قبائلهم و استجمعوا كل مَجمعٍ

و قد قرَّبوا أبنائهم و نسا ئهم و قُرِّبتُ من جذع طويل مُمَنَّعٍ

إلى الله أشكو غُربتي بعد كُربتي و ما جمع الأحزاب لي عند مضجعي

و قد خيَّروني الكفرَ و الموتُ دونه و قد ذفرت عيناي من غير مَدْمَع

فذا العرش صبَّرني على ما يراد بي فقد بضَعوا لحمي و قد بئُوس مطمعي

و لست أبالي حين أقتل مسلما على أيِّ شقٍّ كان في الله مضجعي

و ذالك في ذات الإله و إن يشأ يبارك علي أوصال شلوِ ممزعِ .

 

Атрофимда ғанимлар йиғилишиб яйрашди,

Қавму қабилаларни менга қарши қайрашди.

 

Мени баланд бир дарахт танасига боғлашди,

Хотин, бола-чақани яқинимга чорлашди.

 

Аллоҳга арз этаман ғурбату аламлардан,

Ўлим олдидан кўрган озору ситамлардан.

 

Арш соҳибининг Ўзи сабрли қилди жоним,

Шундан этим тилка-ю, бус-бутундир иймоним.

 

Менга: «Танла, ё куфр, ёки ўлим» дейилди,

Кўзларимдан ўша дам севинч ёши қуйилди.

 

Муслим ҳолда ўлсам бас, шунинг ўзи кифоя,

Фарқсиз умрим қай йўсин топишлиги ниҳоя.

 

Зеро, менинг ўлимим Аллоҳ йўлида бўлар,

Гар истаса жасадим Ўзи муборак қилар.

 

Қатли олдидан Абу Суфён унга: «Сенинг ўрнингда Муҳаммаднинг бошини танасидан жудо қилишимизни, сен эса ўз уйингда бўлишингни истармидинг?», деган эди: «Йўқ, Аллоҳга қасамки, мен ўз уйимда бўлиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга ўзлари турган жойларида битта тикан кириб озор етказишини ҳам истамайман», деди. Шундан сўнг уни осиб ўлдирдилар ва жасадини қўриқлаб тургани одам қўйдилар. Амр ибн Умайя аз-Зомрий тунда яширинча келиб, уни олиб кетиб, дафн қилди. Хубайбни ўлдиришга Уқба ибн Ҳорис бош-қош бўлди. Чунки, Хубайб Бадрда унинг отаси Ҳорисни ўлдирган эди.

«Саҳиҳ»да келганидек, Хубайб қатл олдидан икки ракъат намоз ўқишни биринчи бўлиб суннат қилган экан ва унинг асир бўлиб, қўллари боғлиқ турган ҳолида бир бош узум еб турганини кўришган, ваҳоланки ўшанда Маккада меванинг ўзи бўлмаган экан.

Зайд ибн Дасиннани эса Сафвон ибн Умайя сотиб олиб, отасининг қасосига ўлдирди.

Қурайш Осим ибн Собитнинг жасадидан ўзлари таниб олгудек бирон қисмини олиб келишга вакиллар юборди, чунки Осим Бадрда уларнинг улуғларидан бирини ўлдирган эди. Шунда Аллоҳ таоло булутга ўхшаш арилар тўдасини унинг устига юбориб, жасадини Қурайш элчиларидан ҳимоя қилди. Улар унга яқинлашишга ҳам қодир бўлишмади. Осим бирон мушрикнинг қўли унга тегмаслигига ва ўзи ҳам бирон мушрикка қўл теккизмасликка Аллоҳга аҳду паймон берганди. Бунинг хабари Умар розияллоҳу анҳуга етганда у: «Аллоҳ таоло мўмин бандани ҳаётида асрагани каби вафотидан кейин ҳам асрайди», деган эди[3].

 

Биър Маъуна ҳодисаси

 

Ражиъ фожеаси юз берган ўша ойнинг ўзида ундан ҳам ёмонроқ ва даҳшатлироқ яна бир фожеа содир бўлди. Тарихда уни «Биър Маъуна ҳодисаси» деб билинади.

Воқеа шундай содир бўлди: «Мулоъибул-асинна» лақабли Абу Бароъ Омир ибн Молик Мадинага, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келди. Уни Исломга даъват қилган эдилар, қабул қилмади, бироқ инкор ҳам қилмади. «Ё Расулуллоҳ, агар Нажд аҳлини Исломга даъват қилиш учун асҳобларингизни юборсангиз, улар ижобат қилишади, деб умид қиламан», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен уларга Нажд аҳли бирон зиён-заҳмат етказишидан хавфдаман», деган эдилар, у: «Мен уларни ўз ҳимоямга оламан», деди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ибн Исҳоқ ривоятига кўра, қирқ кишини, «Саҳиҳ»га кўра, етмиш кишини унга қўшиб юбордилар, – «Саҳиҳ»даги гап тўғрироқ – уларга «Алмуъниқ лиямувта» лақабли[4], Бану Соида қабиласидан бўлган Мунзир ибн Амрни амир қилиб тайинладилар. Улар мусулмонларнинг энг яхши, энг фозил, энг бообрў ва энг қори кишилари эдилар. Кундузлари ўтин териб, шунинг эвазига аҳли суффалар учун егулик сотиб олиб, кечалари Қуръонни дарс қилиб, намозлар ўқиб, шу зайлда йўл юриб, Бану Омир билан Бану Сулайм ерлари ўртасидаги Биър Маъуна деб аталган бир жойга келиб тушдилар. Шундан сўнг Умму Сулаймнинг акаси Ҳаром ибн Милҳонни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мактублари билан Аллоҳнинг душмани Омир ибн Туфайл ҳузурига юбордилар. Омир мактубга қараб ҳам қўймади. Бир кишига буюрган эди, орқасидан туриб унга найза урди. Найза санчилишидан чиққан қонни кўрган Ҳаром: «Аллоҳу акбар, Каъбанинг Парвардигорига қасамки, мен (нажотга ёки жаннатга) эришдим», деб хитоб қилди.

Шундан сўнг бу Аллоҳнинг душмани Бану Омир қабиласини мусулмонларга қарши жангга чақирди. Бироқ, улар Абу Бароънинг ҳимоясини риоя қилиб, унинг чақириғини қабул қилишмади. Сўнг Бану Сулаймни жангга чорлаган эди, Усайя, Риъл ва Заквон уруғлари унинг чақириғини қабул қилиб, чиқиб келишди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳобларига яқинлашиб, уларни ўраб олишди. Ўртада жанг бўлиб, унда барча саҳобалар ўлдирилдилар, фақат бир Каъб ибн Зайд ибн Нажжор исмли саҳобагина тирик қолди, уни ўликлар ичидан ярадор ҳолда топилди. Шундан сўнг у то Хандақ жангигача яшаб, ўша куни ҳалок бўлди.

Амр ибн Умайя аз-Зомрий ва Мунзир ибн Уқба ибн Омир мусулмонларнинг подаларини боқиб юришган эди, воқеа жойида қушларнинг чарх уриб айланаётганини кўриб қолишди. Мунзир тушиб бориб, жангга қўшилиб кетди ва асҳоблар билан бирга ўлдирилди. Амр ибн Умайя аз-Зомрий эса асирга тушди. У ўзининг Музор қабиласидан эканини айтганидан сўнг Омир унинг пешона сочини кесиб ташлаб, онасининг бўйнида бўлган бир қул озод қилиш қарзи эвазига уни озод қилди.

Амр ибн Умайя аз–Зомрий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга улкан мусибат – етмишта энг фозил мусулмоннинг ҳалокати хабарини келтирди. Бу улкан йўқотиш бутун бошли Уҳуд жангидаги йўқотишга тенг келар, бироқ унда мусулмонлар ошкора тўқнашувда ҳалок бўлган бўлсалар, бунисида ғаддор хиёнат қурбонига айлангандилар.

Амр ибн Умайя йўлда келаётганида Қарқара деган жойда бир дарахт соясида тўхтади. Бану Килоб қабиласидан бўлган икки киши ҳам унинг ёнига келиб тушишди. Улар уйқуга кетишган пайт Амр иккаласини ҳам ўлдирди ва шу билан биродарларининг ўчини олган бўлди. Бироқ, ушбу қабиланинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан тинчлик аҳдномалари бор бўлиб, Амрнинг бундан хабари йўқ эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, бўлган воқеани айтиб берган эди: «Сен ўлдирган иккала киши учун дия (хун пули) тўлашим лозим бўпти», дедилар, сўнг мусулмонлардан ва уларнинг яҳудий иттифоқчиларидан ҳалиги иккаласи учун дия жамлашга киришдилар[5]. Мана шу воқеа Бану Назир ғазотига сабаб бўлди, бу ҳақда қуйироқда зикр қилинади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир неча кун оралиғида бўлиб ўтган[6] мазкур икки фожеа туфайли қаттиқ қайғу-аламга тушдилар, алам ва изтироблари ҳаддан зиёд кучайди[7], асҳобларини хиёнаткорона ўлдирган қавму қабилаларга дуоибад ўқидилар. «Саҳиҳ Бухорий»да Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Биър Маъунада асҳобларини ўлдирган кишиларни ўттиз кун дуоибад қилдилар. Бомдод намозида Риъл, Заквон, Лаҳён, Усайя қабилаларини дуоибад қилар, «Усайя Аллоҳ ва расулига осий бўлди», дердилар. Сўнг Аллоҳ таоло пайғамбарига: «Қавмимизга биздан етказингки, биз Раббимизга йўлиқдик, У биздан рози бўлди, биз ҳам Ундан рози бўлдик» деган оят нозил қилди ва биз уни ўқиб юрдик, кейинчалик у мансух бўлди. Шундан сўнггина Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дуойи қунут ўқишни тўхтатдилар.

 

Бану Назир ғазоти

 

Айтиб ўтганимиздек, яҳудлар Ислом ва мусулмонларга нисбатан адоват оловида жизғанак бўлишар, бироқ улар уруш ва жангу жадал кишилари эмас, балки макр-ҳийла ва фириб-найрангга устаси фаранг инсонлар эди. Кину адоватларини ошкор қилишар, мусулмонларга озорлар етказишнинг минг бир ҳийлаларини исташар, бироқ, ўртада урушмаслик ҳақида аҳднома борлиги учун очиқ уруш ҳаракатларидан сақланишарди. Қолаверса, улар Бану Қайнуқоъ ва Каъб ибн Ашрафнинг ўлдирилиши воқеаларидан кейин юрак ҳовучлаб қолишган, сукут қилишга ва овоз чиқармасликка мажбур бўлиб қолишганди.

Бироқ, Уҳуд воқеасидан кейин уларда ҳам журъат пайдо бўлиб, ошкора адоват ва хиёнат йўлига ўтишди, мунофиқлар ва Макка мушриклари билан яширинча боғланишиб, мусулмонларга қарши улар фойдасига ишлай бошладилар[8].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тишларини тишларига қўйиб сабр қилиб келдилар, аммо Биър Маъуна ва Ражиъ ҳодисаларидан кейин уларнинг юзсизлик ва журъатлари чидаб бўлмас даражага етди, ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан суиқасд уюштиришгача боришди.

Бунинг тафсилоти шундай бўлганди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир қанча асҳоблари билан улар ҳузурига Амр ибн Умайя аз-Зомрий ўлдириб қўйган ҳалиги икки нафар Бану Килобликнинг хун пулини тўлашга ёрдам беришларини сўраб бордилар. Чунки, ўртадаги аҳднома бандларига кўра бу уларнинг ҳам бўйнига тушарди. Улар: «Ҳа, албатта йиғиб берамиз эй Абул Қосим, унгача сиз мана бу ерда ўтириб туринг», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кутиш учун уларнинг уйларидан бирининг девори остига келиб ўтирдилар. Абу Бакр, Умар, Алий ва бошқа бир қанча саҳобалар ҳам у кишининг ёнларида ўтирдилар.

Яҳудлар ёлғиз қолишгач, шайтоннинг сўзига кириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўлдиришга тил бириктиришди. Бирлари: «Ким мана бу тегирмон тошини олиб, томдан унинг устига ташлаб, бошини янчиб ташлай олади?», деган эди, Амр ибн Жаҳҳош исмли бир бадбахтлари: «Мен қиламан», деди. Шунда Саллом ибн Мишкам: «Қўйинглар, бундай қилманглар! Аллоҳ уни бу макрларингиздан албатта хабардор қилади. Бундай қилиш ўртамизда бўлган аҳдномани бузиш демакдир», деб уларни у ишдан қайтаришга уринди. Бироқ, улар шум режаларини амалга оширишга қарор қилишди.

Шунда оламлар Парвардигори ҳузуридан Жибрил алайҳиссалом тушиб келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни уларнинг шум ният ва режаларидан бохабар қилдилар. У зот дарҳол ўринларидан туриб, Мадинага қараб йўл олдилар. Саҳобалари орқаларидан эргашиб: «Шошилиб туриб кетдингиз, тинчликми?», деб сўрашганда уларга яҳудларнинг суиқасдлари ҳақида айтиб бердилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тезлик билан Муҳаммад ибн Масламани Бану Назир ҳузурига чопар қилиб йўлладилар ва уларга: «Мадинадан чиқиб кетинглар, биз билан бирга турманглар! Сизларга ўн кун муҳлат бераман. Агар шундан кейин бу ерда сизлардан бирон кишини учратсам, бошини кесаман», дедилар. Яҳудларнинг чиқиб кетишдан бошқа иложлари қолмади. Кўчиб кетишга ҳозиргарлик кўра бошлашди. Бироқ, шу орада мунофиқлар бошлиғи Абдуллоҳ ибн Убай уларга: «Маҳкам туринглар, жойларингдан ҳеч қаёққа кетмасдан қаттиқ ҳимояланинглар, мен икки минг одам билан ёнларингизда тураман, сизлар билан бирга жон олиб, жон бераман, сизларга Бану Қурайза билан иттифоқчиларингиз Ғатафон ҳам ёрдам беради», деб элчи юборди, Аллоҳ таоло хабар берганидек: (Абдуллоҳ ибн Убай деди:) «Қасамки, агар сизлар (Мадинадан) қувиб чиқарилсангизлар, албатта бизлар ҳам сиз­лар билан бирга чиқиб кетурмиз ва сизлар(га қарши урушиш) тўғрисида ҳеч қачон бирон кимсага итоат этмасмиз. Агар сизларга қарши жанг қилинса, албатта бизлар сизларга ёрдам берурмиз», (Ҳашр: 11).

Шу билан яҳудларда ўзларига ишонч пайдо бўлиб, жанг қилиш қарорига келдилар ва раислари Ҳуяй ибн Ахтоб мунофиқлар бошлиғининг ваъдаларидан умидвор бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Биз диёримиздан чиқмоқчи эмасмиз, қўлингдан келганини қил», деб одам юборди.

Шубҳасиз, мусулмонларга нисбатан жуда ноқулай бир ҳолат юзага келганди. Чунки, бўлиб ўтган ҳодисалардан сўнг мана шундай оғир вазиятда турган пайтларида яна рақиблар билан тўқнашувга киришнинг оқибати хайрли бўлмаслиги мумкин эди. Улар арабларнинг ўзларига қарши тиш қайрашаётганини, уларнинг вакил ва элчиларига нисбатан мудҳиш хиёнатларга қўл уришаётганини кўриб туришарди. Боз устига, Бану Назир яҳудларининг куч-қуввати уларнинг таслим бўлиши эҳтимолини узоқлатар ва улар билан бўлажак тўқнашувнинг оғир кечишидан дарак берар эди. Бироқ, Биър Маъуна ва ундан олдинги фожеалардан сўнг жиддийлашиб кетган ҳолат мусулмонларнинг шахс ва жамоатларига қилинаётган хиёнат ва ғаддорлик жиноятларига нисбатан ҳассосликларини анча оширган, бундай жиноятчиларга бўлган нафратларини ҳаддан зиёд тоширган эди. Шу боис улар Бану Назирнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга суиқасд уюштириш ҳаракатидан сўнг, натижа қандай бўлишидан қатъий назар, уларга қарши жанг қилишга қатъий қарор қилдилар.

Ҳуяй ибн Ахтобнинг жавоби етиб келгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳу акбар!» деб такбир айтдилар, мусулмонлар ҳам такбир айтдилар. Шундан сўнг қавмга қарши жанг қилишга отландилар. Мадинага Ибн Умми Мактумни халифа қилиб қолдириб, Бану Назир сари юриш бошладилар. Байроқни Алий ибн Аби Толибга бердилар. Етиб боргач, уларни қамал қилдилар.

Бану Назир ўз қалъалари дарвозаларни танбалаб, томлари устидан мусулмонлар устига ўқ ва тошлар ёғдира бошладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни хурмозор ва боғларидан келадиган ёрдамдан маҳрум қилиш мақсадида уларни кесиб ва ёқиб юборишга буюрдилар. Ҳассоннинг шеърида келгани каби:

Бану Луай улуғларига ҳечдир

Бувайрани қоплаб олган аланга.

(Бувайра – Бану Назир хурмозори номи эди.) Бу ҳақда Аллоҳ таоло оят ҳам нозил қилдики: «(Эй мўминлар), сизлар (Бану Назир хурмозорларидан) бирон хурмо дарахтини кесдингларми ёки уни ўз танасида турган ҳолида қолдирдингларми, бас (сиз­лар қилган ҳар бир иш) Аллоҳнинг изни-иродаси билан ва у фосиқ-итоатсиз кимсаларни расво қилиш учун (бўлди)» (Ҳашр: 5).

Қурайза уларни ёлғизлатиб қўйди, Абдуллоҳ ибн Убай ҳам, иттифоқчилари Ғатафон ҳам хиёнат қилди, ҳеч бирлари уларга на бир ёрдам кўрсатишга ва на бир ғамларини аритишга қўл уришмади. Шунинг учун Аллоҳ таоло уларнинг ҳолини шайтоннинг ҳикоясига ташбеҳ қилди: «(Яҳудийларни мўминларга қаршилик қилишга гиж-гижлаётган мунофиқлар) худди шайтоннинг ўхшашидирлар. Эсланг, у инсонга «Кофир бўл», деган эди. Энди қачонки (инсон) кофир бўлгач, (шайтон унга) «Албатта мен сендан безорман...», деди» (Ҳашр: 16).

Қамал узоққа чўзилмади, бор-йўғи олти кун давом этди – баъзилар ўн беш кунга чўзилган ҳам дейишган – шундан сўнг Аллоҳ таоло уларнинг дилларига қўрқув солди, натижада улар қуролларини ташлаб, таслим бўлишга тайёрлана бошладилар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга одам чиқариб, Мадинани тарк қилмоқчи эканликларини билдиришди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга бола-чақаларини олиб, қуролларидан ташқари туялари кўтаргудек юклари билан Мадинадан чиқиб кетишга изн бердилар.

Улар бу шартга рози бўлишди ва кўчириб кетиш мақсадида уйларининг эшик-деразаларигача буза бошладилар. Айримлари ҳатто қозиқлару тўсинларгача юкладилар. Сўнгра хотин, бола-чақаларини олиб, олти юз туя юк билан Мадинани ташлаб чиқиб кетдилар. Кўпчилиги ва Ҳуяй ибн Ахтоб, Саллом ибн Абу Ҳуқайқ каби раислари Хайбарга кўчиб кетишди. Бир тоифаси Шомга кетди. Улардан фақат икки киши – Ёмин ибн Амр билан Абу Саъд ибн Ваҳб Исломни қабул қилиб, мол-мулкларини сақлаб қолишди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бану Назирнинг қурол-аслаҳаларини олдилар, ерларига, уй-жой ва мол-мулкларига эга бўлдилар. Улардан олинган қуроллар 50та совут, 50та дубулға ва 340та қилични ташкил қилди.

Бану Назирнинг мол-мулки, ерлари ва ҳовли-жойлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларига тегишли бўлиб, уларни ўзлари истаган ўринга ишлатишга ҳақли бўлдилар, уларни бешга тақсимламадилар. Чунки, уларни Аллоҳ таолонинг Ўзи ғанимат қилиб берди, мусулмонлар от-уловларини ўйнатиб, жанг қилиб қўлга киритмадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни хоссатан муҳожирларга тақсимлаб бердилар, ансорлардан фақат икки кишига – Абу Дужона ва Саҳл ибн Ҳунайфга камбағал бўлганлари учун бердилар. Ундан ўз аҳли-оилаларига ҳам йиллик нафақа сифатида бериб турар, қолганини эса Аллоҳ йўлида қурол-аслаҳа ва от-улов сотиб олишга сарфлар эдилар.

Бану Назир ғазоти тўртинчи ҳижрийнинг рабиул-аввалида – 625- йил августда – бўлиб ўтди. Аллоҳ таоло бу ғазот ҳақида тўла бир сура - «Ҳашр» сурасини нозил қилди. Унда яҳудларнинг сургун қилинишини сифатлаб, мунофиқларнинг шармандали маслакларини очиб берди, ўлжа ҳақидаги ҳукмларни баён қилди, муҳожир ва ансорларни мақтади, ҳарбий манфаатлар учун душман еридаги дарахтзорларни кесиш ва ёқиб юбориш жоизлигини, бу нарса ерда бузғунчилик қилишга кирмаслигини баён қилди, мўминларни тақвони лозим тутишга ва охиратга ҳозирланишга буюрди, сура хотимасини Ўзига ҳамду сано айтиш ва Ўзининг исм ва сифатларини баён қилиш билан якунлади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо «Ҳашр» сураси ҳақида гап кетса: «Назир сураси дегин», деб қўярдилар[9].

Ибн Исҳоқ ва бошқа кўпчилик тарих ва сийрат аҳлларининг ушбу ғазот ҳақида ривоят қилган сўзларининг хулосаси шудир.

Абу Довуд, Абдурраззоқ ва бошқалар бу ғазотнинг келиб чиқиши ҳақида бошқа бир сабабни ривоят қилганлар. Яъни, Бадрда мағлубиятга учраган Қурайш кофирлари ушбу жангдан сўнг яҳудларга мактуб йўллаб: «Сизлар қилич-қалқон ва қалъалар эгасисиз. Сизлар бизнинг қабиладошимиз (яъни пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан урушсангиз урушдингиз, акс ҳолда биз фалон-фалон ишларни қиламиз, аёлларингизнинг оёқларидаги тақинчоқлари билан бизнинг ўртамизга ҳеч нарса тўсиқ бўла олмай қолади», деб пўписа қилишди. Ушбу мактуб келганидан сўнг яҳудлар хиёнатга иттифоқ қилишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга одам юбориб: «Ўттизта асҳобингиз билан бизнинг ҳузуримизга келинг, биз ҳам ўттиз нафар ҳабр (олим, руҳоний)ни олиб чиқайлик, ўрталиғимиздаги фалон жойда учрашайлик. Улар сизнинг сўзларингизни эшитиб кўришсин. Агар тасдиқлашса ва иймон келтиришса, биз ҳам ҳаммамиз сизга иймон келтирайлик», дейишди. Шундан сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўттизта саҳобалари билан чиқиб бордилар, яҳудлардан ҳам ўттизта ҳабр чиқди. Бир ялангликка чиқиб боришгач, яҳудлар бир-бирига: «Қандай қилиб уни ўлдиришга имкон топасиз, ваҳоланки ўттизта асҳобининг ичида бўлса, ҳаммаси унинг учун жон беришга тайёр бўлсалар?!», дейишди. Сўнг у зотга одам юбориб: «Олтмиш киши қандай қилиб бир-биримизни тушуна оламиз, яхшиси сиз учта асҳобингиз билан келинг, биздан ҳам учта олим чиқсин, ўшалар сизнинг сўзингизни тасдиқлашса, биз ҳам иймон келтириб, тасдиқлайлик», дейишди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам хўп деб, учта саҳоба билан чиқиб бордилар. Яҳудлар ҳам ҳанжарларини кийимлари ичига яшириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўлдириш мақсадида чиқиб боришди. Шу орада Бану Назирдан бўлган бир софдил аёл ўзининг ансорлар ичидаги бир қариндошига хабар йўллаб, Бану Назирнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга уюштирмоқчи бўлаётган суиқасдидан хабардор қилди. Ҳалиги ансорий зудлик билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнларига етиб келиб, эшитган хабарини у зотнинг қулоқларига шипшиди. Яҳудлар ҳали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларига етиб келмаган эдилар. У зот тезда Мадинага қайтиб кетдилар ва эртасигаёқ улар устига юриш қилиб, қамалга олдилар. Уларга: «Сизлар менинг олдимда фақат аҳд берибгина омон қолишингиз мумкин», дедилар. Улар аҳд беришдан бош тортишди. Ўша куни улар билан уруш олиб бордилар. Эртасига уларни қўйиб, Бану Қурайзага лашкар тортиб бордилар ва уларни аҳднома беришга чақирдилар. Улар аҳднома беришди. Шундан сўнг қайтиб, яна Бану Назирга лашкар тортиб келдилар. Улар билан уруш олиб бордилар. Охири улар туя кўтаргудек юкларини олиб, қуролларини ташлаб, сургун қилинишга рози бўлишди. Шундан сўнг Бану Назир матоларини, уйларининг эшик-деразаларини туяларга ортишди, уйларини бузиб, қўлга киргудек ёғочларигача олиб кетишди[10].

 

Нажд ғазоти

 

Мусулмонлар Бану Назир ғазотида жангсиз ва қурбонлар беришсиз эришган ғалабалари туфайли Мадинадаги нуфузларини мустаҳкамлаб олишди ва мунофиқлар уларга очиқ-ошкор фириб-найранглар қилишга ботинолмай қолишди. Шу билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонларга Уҳуддан сўнг зиён-заҳматлар етказиб келаётган, уларнинг даъват учун бораётган вакилларини пасткашлик ва хиёнаткорона ҳужум билан ўлдиришга ва ҳатто Мадинага бостириб келишга тайёргарлик кўра бошлашга журъат қилган бадавий араб қабилалари билан ҳисоб-китоб қилиш учун бемалолроқ вақт топиш имконига эга бўлдилар.

Бироқ, ҳали у хиёнаткорларнинг таъзирини бериб қўйиш учун ҳаракат бошламасларидан туриб, хабарчилар Ғатафоннинг Бану Муҳориб ва Бану Саълаба қабилаларидан ташкил топган саҳройи араблар тўдалари бир жойга йиғилишаётгани хабарини келтиришди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улар ҳам бошқа ҳаммаслаклари каби мусулмонларга қарши разолатларга қўл уришмасин деб, бу тошбағир, тўпори бадавийларнинг дилларига қўрқув уруғини ташлаб қўйиш мақсадида Нажд даштлари оша улар устига тезлик билан юриш бошладилар.

Қароқчилик ва босқинчиликни ўзларига касб қилиб олишган бу бадавийлар мусулмонларнинг келаётгани хабарини эшитиб, қўрқиб, тоғларнинг тепаларига чиқиб кетишди. Шундай қилиб, мусулмонлар бу босқинчи қабилаларнинг попукларини пасайтириб, дилларига қўрқув солиб қўйдилар. Сўнгра соғ-омон Мадинага қайтиб келдилар.

Ғазотшунос ва сийратшунос олимлар шу ўринда мусулмонлар тўртинчи ҳижрийнинг рабиус-соний ёки жумодул-уло ойида Нажд ўлкасида олиб борган бир ғазот ҳақида ёзишади ва бу ғазотни «Зотур-риқоъ» жанги деб аташади. Шу айтилган пайт оралиғида бир жанг бўлиб ўтгани ҳақиқат. Чунки, Мадинадаги вазият шуни тақозо қилаётган эди. Яъни, Уҳуддан қайтиш олдидан Абу Суфён билан ваъдалашилган муҳлат – Бадр ғазоти вақти яқинлашиб келар, бадавийларнинг димоғи кўтарилиб турган бир пайтда Мадинани бўш қолдириб, Қурайш билан бўлажак мана шундай жиддий жангга чиқиб кетиш ҳарбий-сиёсий жиҳатдан мусулмонлар манфаатига хизмат қилмас эди. Шу боис аввал бадавийларнинг шавкатини синдириб қўйиш ва ёмонликларидан хотиржам бўлиб олиш зарур эди.

Аммо ўша пайтда, яъни тўртинчи ҳижрийнинг рабиул-охир ё жумодул-уло ойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб борган бу жанг Зотур-риқоъ ғазоти экани ҳақиқатга тўғри келмайди. Чунки, Абу Ҳурайра ва Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳумо Зотур-риқоъ ғазотида иштирок этганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Хайбар ғазотидан бир неча кун илгари мусулмон бўлган, Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳу ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Хайбарда учрашган. Демак, бундан Зотур-риқоъ ғазоти Хайбар ғазотидан кейин бўлгани келиб чиқади. Зотур-риқоъ ғазотининг тўртинчи йилдан кейин бўлганига яна бир далил шуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ғазотда хавф намозини ўқиганлар. Хавф намози биринчи бўлиб Усфон ғазотида ўқилган. Хилоф йўқки, Усфон ғазоти Хандақ ғазотидан кейин бўлган. Хандақ ғазоти эса бешинчи йилнинг охирларида бўлган эди.

 

Иккинчи Бадр ғазоти

 

Мусулмонлар саҳройи арабларнинг шавкатини синдириб, ёмонликдан тийиб қўйганларидан сўнг энг катта душманлари билан тўқнашувга ҳозирлана бошладилар. Чунки, йил ўтиб, Уҳуд ғазоти сўнгида Қурайш билан ваъдалашилган пайт яқинлашиб қолганди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Суфён ва унинг қавми билан юзма-юз келиш учун асҳобларини ушбу жангга олиб чиқишлари, иш узил-кесил ҳал бўлиб, мутлақ ғалаба унга лойиқ бўлган кишиларга ёр бўлиши учун уруш тегирмонини яна бир бор ишга туширишлари керак эди.

Тўртинчи ҳижрийнинг шаъбонида – 626 йил январ ойида – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир минг беш юз жангчи билан ваъдалашилган жойга чиқиб бордилар. Қўшинда ўнта от бор эди, жанг байроғи Алий ибн Аби Толибнинг қўлида эди. Мадинага Абдуллоҳ ибн Равоҳани халифа қилиб қолдирдилар ва Бадрга етиб бориб, мушрикларнинг келишини кута бошладилар.

Абу Суфён ҳам икки минг аскари билан йўлга чиқди, унинг қўшинида элликта от бор эди. Қўшин Маккадан бир марҳала узоқликдаги Марруз-Заҳронга етиб келгач, ўша ердаги Мажанна номли бир сув ёнига тушди.

Абу Суфённинг Маккадан чиқишиданоқ шашти анча паст бўлган, мусулмонлар билан кечажак жанг оқибатларини ўйлаб, юрагига қўрқув оралаган, ҳисларини ҳадиксираш эгаллаб олган эди. Марруз-Заҳронга тушгач эса азму қарори бутунлай синиб, ортга қайтишга йўл қидира бошлади. Сўнг шерикларига хитоб қилиб: «Эй Қурайш жамоаси, сизларга серҳосил ва серобчилик йили бўлмаса тўғри келмайди, уловларни ўтлатишингиз, ўзингиз ҳам сут ичишингиз зарур. Бу йил эса кўриб турганингиздек, қурғоқчилик йили бўлди. Мен ортга қайтмоқчиман, сизлар ҳам қайтинглар», деди.

Афтидан, қўрқув ва ҳадик бутун лашкарни ўраб олган эди. Шу боис ҳеч кимдан бу таклифга бир оғиз қарши гап ё юришни давом эттириш ва мусулмонлар билан жангга киришга истак ва чорлов чиқмади.

Мусулмонлар Бадрда душманни кутиб саккиз кун турдилар. Ёнларида бўлган тижорат молларини сотиб, бир дирҳамга икки дирҳамдан фойда қилдилар, сўнг Мадинага қайтиб кетдилар. Энди устунлик тамомила улар қўлига кўчган, ҳайбатлари яна қайта дилларга ўрнашган ва назоратни тўла қўлларига олган эдилар.

Бу ғазот «Ваъдалашилган Бадр», «Иккинчи Бадр», «Сўнгги Бадр», «Кичик Бадр» деган номлар билан маъруф бўлди[11].

 

Дувматул Жандал ғазоти

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бадрдан қайтдилар. Минтақага тинчлик-осойишталик ҳукмронлик қила бошлади. Давлатлари барқарор бўлиб, эндиликда мусулмонлар мавқифни тўлалигича ўз назоратлари остига олишлари ва дўсту душманлар ажралиши учун араб оламининг ичкари ҳудудларигача кириб боришга яхши имконият пайдо бўлди.

Кичик Бадр ғазотидан сўнг Мадинада олти ой турдилар. Шундан сўнг у зотга Шом яқинидаги Дувматул Жандал атрофидаги қабилалар йўлтўсарлик қилиб, ўтган-кетганни талаётганлари, Мадинага босқин уюштириш мақсадида каттагина лашкар ҳам жамлашаётгани хабари етиб келди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага Сибоъ ибн Урфута ал-Ғифорийни халифа қилиб қолдириб, минг кишилик қўшин билан бешинчи ҳижрийнинг рабиул-аввал ойидан сўнгги беш куни қолганида йўлга чиқдилар. Бану Узра қабиласидан Мазкур исмли бир кишини йўл кўрсатувчи қилиб олдилар.

Душманни ғафлатда қолдириш мақсадида кундузлари яшириниб, тунлари йўл юриб бордилар. Яқинлашиб боргач, маълум бўлдики, улар узоқроқа жўнаб кетишган экан. Уларнинг чорваларига ва чўпонларига ҳужум қилдилар, қўлга тушган тушиб, қочган қочиб қолди.

Дувматул Жандал аҳолиси эса ҳар тарафга қочиб тумтарақай бўлиб кетди. Мусулмонлар уларнинг диёрига тушиб, ҳеч кимни учратмадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир неча кун туриб, кичик-кичик гуруҳ ва бўлинмаларни атрофларга юбордилар. Ҳеч ким топилмагач, Мадинага қайтиб келдилар. Шу ғазотда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Уяйна ибн Ҳисн билан сулҳ туздилар. Дувматул Жандал Шом тепаликларидаги маъруф бир жой номи бўлиб, у билан Дамашқ ораси беш кунлик йўл, Мадинадан узоқлиги эса ўн беш кунлик йўл эди.

Мана шундай тез ва кескин амалиётлар ҳамда пухта ва оқилона тузилган режалар туфайли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам минтақада тинчлик-осойишталик ўрнатишга, ҳолатни тўла назоратлари остига олишга, замон чархпалагини мусулмонлар фойдасига айлантиришга, уларни ўраб келаётган ички ва ташқи машаққатлар юкини енгиллатишга ва таранглашган вазиятни юмшатишга муваффақ бўлдилар. Мунофиқлар ҳам анча тинчиб қолишди, яҳудларнинг бир қабиласи сургун қилинди, қолганлари қўшничилик ҳаққини чиройли адо этишга ва аҳду паймонларга вафо қилишга мажбур бўлишди. Саҳройи арабларнинг ҳам попуклари пасайиб қолди, Қурайшнинг ҳам мусулмонлар билан урушишга юраги бетламай қолди. Шундай қилиб, мусулмонлар Исломни ёйиш ва Парвардигори оламнинг рисолатини етказиш учун анча қулай фурсатга эга бўлдилар.



[1] Зодул-маод: 2/108.

[2] Зодул-маод: 2/109, Ибн Ҳишом: 2/619, 620.

[3] Ибн Ҳишом: 2/169-179, Зодул-маод: 2/109, Саҳиҳул Бухорий: 2/568, 569, 585.

[4] Ўлим учун бўйин боғлаган, маъносини англатиб, шаҳидликка ошиққани учун ана шундай лақаб билан лақабланган.

[5] Ибн Ҳишом: 2/183–188, Зодул-маод: 2/109–110, Саҳиҳул Бухорий: 2/584–586.

[6] Ибн Саъднинг айтишига кўра, ҳар икки фожеанинг хабари Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бир кечада етиб келган эди (2/53).

[7] Ибн Саъд ривоятида (2/54) Анас розияллоҳу анҳу айтади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳеч кимга «Биър Маъуна» фожеаси аҳлига чекканларича изтироб чекканларини кўрмаганман».

[8] Абу Довуд: Хабарун назир боби: 3/116-117.

[9] Ибн Ҳишом: 2/190-192, Зодул-маод: 2/71, 110, Саҳиҳул Бухорий: 2/574, 575.

[10] Мусаннаф Абдурраззоқ: 5/358-360 (9733-ҳ), Сунан Аби Довуд: Китобул-хирож вал-файъи вал-имора, боб фий хабарин-назир: 2/154.

[11] Қаранг: Ибн Ҳишом: 2/209, 210, Зодул-маод: 2/112.


Qayd etilgan


lolo  25 Noyabr 2009, 07:55:31

АҲЗОБ (ЖАМОАЛАР) ЖАНГИ

 

Тинчлик ва хотиржамлик қайтиб келди, бир йилдан ортиқроқ вақт давомида кечган уруш ва жангу жадаллардан сўнг Арабистон оролида осойишталик ҳукм сура бошлади. Бироқ, ўзларининг хиёнат ва ғаддорликлари, макр-ҳийла ва фириб-найранглари натижаси ўлароқ кўп хору зорлик тотишга мажбур бўлган яҳудларнинг кўзлари барибир очилмади, хиёнатлари туфайли бошларига келган мусибат ва хўрликлардан ибрат олишмади. Улар Хайбарга сургун қилинганларидан кейин мусулмонлар билан бутпарастлар орасида кечган жангларда мусулмонларга қақшатқич мағлубият етишини кутиб яшаётган эдилар. Аммо, давр чархпалаги мусулмонлар фойдасига айланиб, кун сайин уларнинг нуфузлари ошиб, давлатлари мустаҳкамланиб боргач, яҳудлар алам ва нафратдан ўз ёғларига ўзлари қовурила бошлашди.

Шундан сўнг улар мусулмонлар қаршисига янгидан тил бириктирувлар қилишга, уларга тузалмас ва ўнглаб бўлмас даражада оғир зарба беришга тайёргарлик кўришга киришдилар. Мусулмонлар билан юзма-юз жангга киришга ўзларида журъат топишолмагач, мақсадга эришиш учун жуда хавфли бир режа ишлаб чиқдилар.

Яҳудийларнинг бошлиқлари ва Бану Назир раисларидан 20 киши Маккага, Қурайш ҳузурига бориб, уларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарши уруш қилишга ундадилар ва ўзлари тарафидан уларга катта ёрдамлар ваъда қилдилар. Қурайш ҳам рози бўлди. Чунки, Қурайш бу таклифда ўзининг Бадрда учрашиш ваъдасига хилоф қилиши билан йўқотган обрўсини қайта тиклаш имкониятини кўрди.

Шундан сўнг бу вакиллар Ғатафон ҳузурига бориб, уларни ҳам Қурайшни чақирган ишга чақирдилар. Ғатафон ҳам рози бўлди. Сўнг улар бошқа араб қабилаларини айланиб, бирма-бир шу ишга чорлай бошладилар. Улардан қабул қилганлари қабул қилди. Шундай қилиб, яҳудларнинг бошлиқлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ва мусулмонларга қарши кофир жамоаларни гижгижлаб, қўзғотишга муваффақ бўлишди.

Бунинг оқибатида Қурайш, Кинона ва уларнинг иттифоқчилари бўлмиш Тиҳома аҳлидан ташкил топган тўрт минг кишилик қўшин Абу Суфён бошчилигида жануб томондан йўлга чиқди, Марруз-Заҳронда уларга Бану Сулайм қабиласи ҳам келиб қўшилди. Шарқ томондан Ғатафон қабилалари – Уяйна ибн Ҳисн бошчилигидаги Бану Фазора қабиласи, Ҳорис ибн Авф бошчилигидаги Бану Мурра қабиласи, Мисъар ибн Руҳайла бошчилигидаги Бану Ашжаъ қабиласи, шунингдек, Бану Асад ва бошқа қабилалар йўлга чиқишди.

Ушбу жамоалар ҳаммаси ўзаро келишув асосида Мадина томонга қараб ҳаракатлана бошлади.

Бир неча кундан сўнг Мадина атрофида ўн минг кишилик улкан қўшин йиғилди. Уларнинг сони Мадинанинг эркагу аёл, ёшу қари барча аҳолиси сонидан ҳам кўп эди.

Агар йиғилган бу гуруҳлар тўсатдан Мадинага бостириб келганида борми, мусулмонларнинг вужудига қиёс қилиб бўлмас даражада улкан хатарга айланар ва ҳатто уларнинг бутунлай қирилиб кетишларига ва таг-томирлари билан йўқ қилиб юборилишларига ҳам олиб келиши мумкин эди. Аммо, Мадинанинг раҳбарияти ҳамиша уйғоқ ва сергак раҳбарият бўлганидан чор-атрофдаги вазиятлардан мудом бохабар бўлиб, кутилажак воқеаларнинг олдини олишга ҳаракат қилиб келарди. Бу сафар ҳам мазкур қўшинлар ҳали ўрнидан қўзғолишга улгурмай туриб, уларнинг хабари Мадинага, раҳбатиятга етиб келди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам зудлик билан олий ҳарбий кенгаш чақириб, Мадинани мудофаа қилиш режасини ишлаб чиқишга киришдилар. Кенгаш аҳли тарафидан ўртага ташланган таклифларни ўрганиб чиқилгач, улуғ саҳобий Салмон Форсий розияллоҳу анҳу тақдим этган режани амалга оширишга қарор қилдилар.

Салмон: «Ё Расулуллоҳ, биз форс диёрида эканимизда агар қамалга олинсак, атрофимизга хандақ қазиб, ҳимояланардик», деди. Дарҳақиқат, бу жуда оқилона режа бўлиб, шу пайтгача араблар ичида маълум эмасди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам зудлик билан ушбу режани амалга оширишга киришдилар ва ҳар ўн кишига қирқ газдан хандақ қазиш ишини топширдилар. Мусулмонлар бу ишга астойдил, жидду жаҳд билан киришдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари ҳам бевосита улар билан бирга ишлаб, уларга намуна кўрсатиб турдилар. Бухорий ривоят қилган ҳадисда Саҳл ибн Саъд айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга хандақда эканмиз, тупроқни елкаларимизда ташиб чиқардик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Аллоҳим, охират ҳаётидан бошқа ҳаёт ҳаёт эмасдир, муҳожир ва ансорларни Ўзинг мағфират этгин», дердилар[1].

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хандаққа чиқдилар. Муҳожирлар ва ансорлар совуқ кунда хандақ қазиётган эдилар. Уларга бу ишларни қилиб берадиган қуллари бўлмаган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улардаги машаққат ва очликни кўриб, дедилар:

اللهم إن العيش عيش الآخرة ** فاغفـر للأنصـار والمهـاجرة

Аллоҳим, чин ҳаёт фақат охират,

Муҳожир, ансорни этгин мағфират.

Саҳобалар у зотга жавобан дедилар:

نحـن الذيـن بايعـوا محمـداً ** على الجهـاد ما بقيـنا أبداً

Муҳаммадга бердик биз аҳду паймон,

Жиҳод қилажакмиз, борки танда жон!»[2]

Бухорий Баро ибн Озибдан ривоят қилади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни хандақ тупроғини ташиётганларини кўрдим, қоринларининг териси чангдан кўринмай кетган эди, ваҳоланки у зот сертук эдилар. Мен у зотнинг Ибн Равоҳанинг шеърини ҳиргойи қилаётганларини эшитдим, тупроқ ташиган ҳолларида айтардилар:

Аллоҳим, Сен бўлмасанг, ҳидоят не, билмасдик,

Намоз ҳам ўқимасдик, садақа ҳам қилмасдик.

Ўзинг қил қалбимизни осойишта, хотиржам,

Ҳам ёвга йўлиққанда қадамимиз мустаҳкам.

Устимизга бостириб келмоқдалар ёғийлар,

Кўнмагаймиз фитналаш истасалар боғийлар.

Сўнг охирги мисрани овозларини чўзиб қайтарардилар. Бир ривоятда:

Тамаъ қилиб келдилар устимизга ёғийлар,

Кўнмагаймиз фитналаш истасалар боғийлар.»[3]

اللهم لولا أنت ما اهتدينا ** ولا تصـدقنـا ولا صلينــا
فأنزلن سكينـة علينـا ** وثبت الأقـدام إن لاقينــا
إن الألى رغبوا علينـا ** وإن أرادوا فتـنـة أبينـــا

قال‏:‏ ثم يمد بها صوته بآخرها، وفي رواية‏:‏

إن الألى قـد بغـوا علينـا ** وإن أرادوا فـتنـة أبينـا

Мусулмонлар жигарларни тилкалаб ташлайдиган қаттиқ очлик азобини ҳис қилишар, бироқ бу нарса уларни завқу шавқ билан меҳнат қилишдан тўсолмас эди. Анас розияллоҳу анҳу айтади: «Хандақ аҳлига бир ҳовучдан арпа бериларди, уни эскириб, ҳидланиб қолган ёғда пишириб, олиб келинарди, қавм оч эди, таомнинг эса томоқда ёқимсиз таъми ва ҳиди бўларди»[4].

Абу Талҳа айтади: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга очликдан шикоят қилиб, қоринларимизга биттадан боғлаб олган тошни кўрсатдик. Шунда у зот қоринларини очдилар, қарасак иккита тош боғлаб олган эканлар»[5].

Шу муносабат билан Хандақ қазиш мобайнида кўрилган пайғамбарлик аломатлари бўлмиш баъзи мўъжизалар ҳақида айтиб кетмоқчимиз:

Жобир ибн Абдуллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг очликдан қаттиқ қийналганларини кўриб, бир жонлиқ (улоқ) сўйди, аёли бир соъ арпани туйиб хамир қорди, сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларигагина эшиттириб, бир неча асҳоблари билан таомга таклиф қилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бутун Хандақ аҳлини етаклаб келдилар, улар минг киши эди. Ҳаммалари ўша таомдан еб, тўйдилар. Қозондаги гўшт эса қандай бўлса шундоқлигича қайнаб турар, хамир ҳам нон қилингани сари камаймасдан турган эди[6].

Нўъмон ибн Баширнинг синглиси отаси ва тоғасига деб Хандаққа бир ҳовуч хурмо олиб келди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларидан ўтиб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хурмоларни ундан сўраб олиб, бир мато устига тўкдилар, сўнг Хандақ аҳлини чорладилар. Ҳаммалари ундан ер, хурмо эса кўпайиб борарди. Ҳатто Хандақ аҳлининг ҳаммаси тўйиб, туриб кетишди, хурмолар эса мато атрофидан тўкилиб турарди[7].

Бундан ҳам каттароқ мўъжизалари ҳақида имом Бухорий Жобирдан ривоят қилади: «Хандақ қазиётганимизда жуда ҳам қаттиқ заранг ерга дуч келдик. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдига бориб: «Хандақда жуда ҳам қаттиқ заранг ерга дуч келдик», деб айтишди. «Мен ўзим тушаман», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, сўнг ўринларидан турдилар, қоринларига тош боғлаб олган эдилар – уч кундан бери туз тотмаган эдик – у зот чўкични қўлларига олиб, зарб билан урган эдилар, ер қумдек уқаланиб кетди[8].

Баро айтади: «Хандақнинг бир жойида катта бир харсангтош чиқиб қолиб, чўкичларимизнинг кучи етмай қолди. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтган эдик, келиб, чўкични қўлларига олдилар, сўнг: «Бисмиллаҳ» деб бир зарба уриб, унинг бир бўлагини кўчириб юбордилар ва: «Аллоҳу акбар, менга Шом калитлари ато этилди. Аллоҳга қасамки, мен ҳозир унинг қизил қасрларини кўриб турибман», дедилар. Сўнг иккинчи зарба билан харсангнинг яна бир бўлагини синдирдилар ва: «Аллоҳу акбар, менга Форс ерлари ато этилди. Аллоҳга қасамки, мен ҳозир Мадоинннинг оқ қасрини кўриб турибман», дедилар. Сўнг «Бисмиллаҳ» деб, учинчи бор зарба уриб, харсангнинг қолганини бўлиб ташладилар ва: «Аллоҳу акбар, менга Яман калитлари ато этилди. Аллоҳга қасамки, мен шу жойда туриб Санъонинг дарвозаларини кўриб турибман», дедилар[9].

Ибн Исҳоқ Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ҳам худди шундай ривоят келтирган[10].

Мадинанинг шимолидан бошқа барча тарафи қирралик тошлоқлар (ҳарра) ва тоғлар билан, хурмозор боғлар билан ўралган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай катта қўшин Мадинага фақат шимол томондангина ҳужум қила олиши мумкинлигини билганларидан шу тарафни хандақ билан ўраттирдилар.

Мусулмонлар қазиш ишларини тўхтовсиз давом эттиришар, кун бўйи хандақ қазиб, кечқурун уйларига қайтишарди. Шундай қилиб, хандақ қазиш ишлари кутилган режа бўйича, мушрикларнинг улкан қўшини Мадина ҳудудига етиб келмасидан илгари охирига етказилди[11].

Қурайш 4000 кишилик қўшини билан келиб, Журф ва Зағоба оралиғида бўлган Румадаги сел сувлари тўпланадиган бир сайхонликка тўхтади. Ғатафон ўзига қўшилган Нажд аҳли билан бирга 6000 кишилик лашкари билан Уҳуд яқинидаги Занаб Нақмо деган жойга тушди.

«Мўминлар у жамоаларни кўрган вақтларида: «Бу Аллоҳ ва пайғамбари бизларга ваъда қилган нарсадир (яъни имтиҳондир). Аллоҳ ва пайғамбарининг сўзи ростдир», дедилар ва (устиларига бостириб келаётган жамоаларнинг сон-саноқсизлиги) уларнинг (Аллоҳга бўлган) иймон ва итоатларини янада зиёда қилди, холос» (Аҳзоб: 22).

Бу қўшинни кўриб, мунофиқ ва қўрқоқ кишиларнинг юраклари қалтираб қолди: «Ўшанда мунофиқлар ва дилларида мараз бўлган кимсалар: «Аллоҳ ва Унинг пайғамбари бизларга фақат ёлғон ваъда қилган эканлар», дея бошладилар» (Аҳзоб: 12).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уч минг мусулмон билан чиқиб бордилар ва қўшиннинг орқасини Салъ тоғига қилиб ўрнаштирдилар, улар билан кофирлар ўртасини хандақ ажратиб турарди. Уларнинг шу кунги шиорлари (пароллари) «Ҳа мим, ла юнсоруун» (ҳа мим, уларга нусрат келмайди) деган сўзлар эди[12]. Мадинага Ибн Умму Мактумни халифа қилиб қолдирдилар. Аёллар ва ёш болаларни Мадинанинг қўрғонларига киритиб қўйдилар.

Мушриклар Мадинага ҳужум бошлаш учун ёпирилиб келиб қарашсаки, улар билан мусулмонлар ўртасини кенг хандақ ажратиб турибди. Шундан сўнг улар мусулмонларни қамал қилиб туришга мажбур бўлишди. Ҳолбуки, диёрларидан чиқаётган пайтларида бунга ҳозиргарлик кўриб келишмаган эди. Чунки, хандақ билан ҳимояланиш – юқорида айтилганидек – арабларга шу пайтгача маълум бўлмаган жанг ҳийлаларидан эди. Шу туфайли бу нарсани умуман ҳисобга олмаган эдилар.

Мушриклар хандақ атрофида ғазаб билан уёқ-буёққа бориб келишар, кесиб ўтиш учун заифроқ нуқтасини қидиришарди. Мусулмонлар эса уларнинг ҳар бир ҳатти-ҳаракатларини диққат билан кузатиб туришар, хандаққа яқинлашиб, уни кесиб ўтишга ёки тупроқ тўлдириб йўл очишга уринмасликлари учун улар устига камондан ўқ ёғдиришарди.

Қурайш суворийлари хандақ атрофида қамал натижасини кутиб, бефойда тураверишдан чарчашди, чунки бу уларнинг феъл-атворларига тўғри келмасди. Шундан сўнг улар ичидан Амр ибн Абдувуд, Икрима ибн Аби Жаҳл, Зирор ибн Хаттоб ва бошқа бир неча кишилик тўда хандақнинг торроқ жойига от солиб, кесиб ўтишга муваффақ бўлишди ва хандақ билан Салъ ўртасидаги шўрҳок ерга от чоптириб келишди. Алий ибн Аби Толиб бошлиқ бир неча мусулмонлар улар томон чиқиб бориб, улар кесиб ўтишган туйнукни тўсиб қўйдилар. Амр муборазага (яккама-якка олишувга) чақирди. Унга Алий ибн Аби Толиб талабгор бўлиб чиқди ва унинг ҳамиятига тегадиган бир сўз қилди. Амр мушрикларнинг энг шижоатли ва жасур кишиларидан эди. Шунда у шартта отидан тушди-да, отни қиличи билан чопиб ташлади ва ўзининг юзига шапати уриб, Алий томон ваҳшат билан кела бошлади. Икковлари бир-бирларига ташланиб, олиша кетдилар. Охири Алий розияллоҳу анҳу уни ўлдиришга муваффақ бўлди. Қолганлари эса чекиниб, ўзларини яна хандаққа уриб, нариги томонига ўтиб олишди. Қаттиқ қўрқиб кетишганидан, чекинаётиб Икрима ҳатто найзасини ташлаб кетди.

Баъзи кунлари мушриклар хандақни кесиб ўтиш ёки унинг устидан йўл солиш учун қаттиқ ҳаракатлар қилиб кўришди. Лекин, мусулмонлар ҳимояда қаттиқ турдилар, улар устига ўқ ёғдириб, ўтишларига имкон бермадилар ва мушрикларнинг бари уринишлари чиппакка чиқди.

Мана шундай шиддатли курашлар билан овора бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам, мусулмонлар ҳам баъзи намозларни ўз вақтида ўқий олишмади. «Саҳиҳайн»да Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Умар ибн ал-Хаттоб розияллоҳу анҳу Хандақ жанги куни кун ботганидан сўнг келди-да, Қурайш кофирларини сўка кетди, «Ё Расулуллоҳ, асрни ўқиёлмадим, ҳатто кун ботаёзди», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳга қасамки, мен ҳам ўқимадим», дедилар. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Бутҳон водийсига келдик. Ул зот намозга таҳорат қилдилар, биз ҳам таҳорат қилдик. Сўнг асрни кун ботганидан кейин ўқидилар, сўнгра ортидан шомни ўқидилар»[13].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозни ўтказиб юборганларидан кўп хафа бўлдилар, ҳатто мушрикларни дуоибад қилдилар. Бухорий Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хандақ куни: «То кун ботиб кетгунича бизни ўрта (аср) намозидан машғул қилишгани каби (учун) Аллоҳ уларнинг уйларини ва гўрларини ўтга тўлдирсин», деб дуо қилдилар[14].

Имом Шофеий ва Аҳмаднинг «Муснад»ларида айтилишича, мушриклар у зотни пешин, аср, шом ва хуфтон намозларидан қолдиришди, сўнг уларни жамлаб ўқиб олдилар. Нававий айтади: «Бу ривоятлар орасини бирлаштириш йўли шуки, Хандақ ғазоти бир неча кун давом этган, униси бир куни бўлган бўлса, бошқаси бошқа кун бўлган бўлиши мумкин»[15].

Шундан билинадики, мушрикларнинг кесиб ўтишга бўлган уринишлари ва мусулмонларнинг тинимсиз давом этган қаршиликлари бир неча кун давом этди. Фақат Хандақ иккала қўшин ўртасини ажратиб тургани боис юзма-юз жанг ёки қонли кураш юз бермади ва икки тараф ҳам камондан ўқ узиш билан чекланди.

Мана шу отишмаларда иккала қўшиндан ҳам бир неча киши ҳалок бўлди. Ҳаммаси бўлиб, мусулмонлардан олти киши ва мушриклардан ўн киши ўлдирилди, булар ичидан бир-иккитасигина қилич зарбидан ўлди.

Мана шу ўқлардан бири Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳуга тегиб, билак томирини (венани) кесиб юборди, уни Қурайшлик Ҳаббон ибн Ариқа деган одам отганди. Саъд шундай дуо қилди: «Эй Аллоҳим, Ўзинг яхши биласанки, мен учун Сенинг пайғамбарингни ёлғончи қилиб, ўз диёридан қувиб чиқарган қавмга қарши жанг қилишдан кўра суюмлироқ иш йўқ. Эй Аллоҳим, ўйлайманки, бизларнинг ўртамиздаги урушни шу билан тўхтатдинг. Агар Қурайшга қарши уруш шу билан охирига етмаса, мени Ўзингнинг йўлингда улар билан жанг қилиш учун қолдиргин! Агар урушни тўхтатган бўлсанг, жароҳатимни ёриб юборгин ва ўлимимни шунда қилгин!»[16] Дуосининг охирида: «То Бану Қурайза хусусида кўнглим шод бўлмагунча мени вафот эттирмагин», деган эди[17].

Мусулмонлар жанггоҳ ичра ана шундай машаққатларга юзланишаётган пайтда фитна ва фириб-найранг илонлари инида жим ётмаган, уларнинг жисмларига заҳар сочиш истагида ҳаракатга тушишганди. Бану Назир жиноятчиларининг каттаси Ҳуяй ибн Ахтоб Бану Қурайза диёрига, уларнинг бошлиғи, битим ва аҳдномаларига масъул шахс бўлган Каъб ибн Асад ал-Қуразийникига борди. Унинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан уруш содир бўлганида ўзаро ёрдам бериш хусусида битими бор эди. Ҳуяй уникига келиб, эшигини қоққанида у эшик очмади. Ҳуяйнинг қайта-қайта аврашларидан сўнг у ниҳоят эшигини очди. Шунда Ҳуяй унга: «Эй Каъб, мен сенга умрбод азизлик ва лиммо-лим денгизни келтирдим. Қурайшни казо-казо бошлиқлари билан олиб келиб, Румадаги сайхонликка туширдим. Ғатафонни казо-казо бошлиқлари билан олиб келиб, Уҳуд яқинидаги Занаб Нақмога туширдим. Улар то Муҳаммадни унга эргашганлар билан қўшиб янчиб ташламагунларича ҳеч қаёққа кетмасликка аҳд беришган», деди.

Каъб: «Йўқ, Аллоҳга қасамки, сен менга умрбод хорлик ва суви қуриган булут келтирдинг, унинг чақмоғи ва момақалдироғи бор-у, бир томчи ҳам ёмғири йўқ. Қуриб кетгур эй Ҳуяй, мени ўз ҳолимга қўй. Мен Муҳаммаддан фақат тўғрилик ва вафо кўрганман», деди.

Ҳуяй уёғидан кириб, буёғидан чиқиб, аврайверганидан сўнг охири Каъб ундан Аллоҳ номига қасам ичдириб: «Қурайш ва Ғатафон Муҳаммадга бирон зиён-заҳмат етказолмай қайтиб кетишгудек бўлса, мен сен билан бирга қўрғонингга кираман, бошингга нима тушса, биргалашиб тортаман» деган аҳд олганидан сўнггина сўзларига рози бўлди. Шундай қилиб, Каъб ибн Асад аҳдини бузди ва мусулмонлар билан ўрталарида бўлган битимдан хориж бўлиб, мусулмонларга қарши олиб борилаётган урушда мушриклар сафига қўшилди[18].

Дарҳақиқат, шундан сўнг Бану Қурайза яҳудийлари уруш амалиётларини бошлаб юборишди. Ибн Исҳоқ айтади: Софийя бинт Абдулмутталиб Ҳассон ибн Собитнинг қалъасининг юқоридаги хонасида эди, Ҳассон ҳам аёллар ва болалар билан қалъа ичида эди. Софийя айтади: «Шунда бир яҳудий келиб, қалъа атрофида айлана бошлади. Бану Қурайза уруш ҳолатига ўтган ва ўзи билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўрталаридаги битимни узган эди. Бизни улардан ҳимоя қиладиган ҳеч ким қолмаган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам, мусулмонлар ҳам душман билан овора эдилар. Агар бизга биров бостириб келгудек бўлса, улар бизга ёрдамга келолмас эдилар. Шунда мен: «Эй Ҳассон, кўриб турганингиздек, мана бу яҳудий қалъа атрофида айланиб юрибди. Аллоҳга қасамки, у орқадаги яҳудларни бизнинг очиқ-заиф томонимизга йўллаб қўйишидан кўнглим хотиржам эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан саҳобалари бизга ёрдамга келолмайдилар. Шундай экан, сиз тушиб, уни ўлдиринг», дедим. Ҳассон: «Худо ҳаққи, ўзингиз яхши биласиз, мен бундай қила олмайман», деб жавоб берди. Шунда мен белимни боғладим-да, бир ходани олиб, қалъадан тушиб бориб, уни ўша хода билан уриб ўлдирдим. Сўнгра қалъага қайтиб кириб, Ҳассонга: «Боринг, унинг нарсаларини ўлжа сифатида олиб чиқинг, эркак киши бўлгани учун мен унга қўл теккизгим келмади», дедим. Шунда у: «Менга унинг нарсалари керак эмас», деб жавоб берди[19].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аммалари томонидан амалга оширилган жасурона бу ҳаракатнинг мусулмонларнинг аёллари ва бола-чақаларини сақлаб қолишда жуда катта таъсири бўлди. Чунки, шундан кейин яҳудлар Мадинанинг қўрғон ва қалъалари ислом лашкарининг ҳимоясида эканига ишониб қолишди – ҳолбуки, улар лашкардан батамом холи эди – ва қайта бундай ишларга журъат қилишмади. Аммо, улар мусулмонларга қарши урушда мушрикларга қўшилганликлари исботи сифатида улар қўшинини озиқ-овқат ва бошқа керакли нарсалар билан таъминлаб туришди, ҳатто мусулмонлар уларнинг озиқ-овқат ортилган йигирмата туясини олиб ҳам қўйишди.

Бану Қурайзанинг битимни бузгани хабари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ва мусулмонларга етиб келгач, у зот зудлик билан бу хабарнинг ҳақиқатини текширишга киришдилар. Чунки, Бану Қурайзага нисбатан тутиладиган мавқифни аниқлаб олиш ва шунга қараб ҳарбий ҳаракатлар олиб бориш зарурати туғилганди. У зот Саъд ибн Муоз, Саъд ибн Убода, Абдуллоҳ ибн Равоҳа ва Хаввот ибн Жубайрни хабарнинг тагига етиш учун юбордилар ва уларга: «Бориб билинглар-чи, бу қавм ҳақида бизга етган хабар ростми, йўқми? Агар рост бўлса, менга ўзим билиб оладиган бир овоз билан ишора беринглар, одамларга ёйиб юборманглар. Агар қавм ўз аҳдида турган бўлса, буни одамларга эълон қилинглар», деб тайинладилар. Улар яҳудлар яқинига боришгач, аҳвол ғоят жиддийлиги маълум бўлди. Яҳудлар уларни сўкиш ва ҳақоратлар билан қаршиладилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шаънларида бўлмағур гаплар айтдилар, «Ким Аллоҳнинг элчиси экан?! Муҳаммад билан бизнинг ўртамизда ҳеч қандай битим ҳам, аҳд ҳам йўқ», дедилар. Элчилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига қайтиб боришгач, у зотга ўзларигина тушуниб оладиган қилиб: «Азол ва Қора», дейишди, яъни бу билан яҳудлар худди Азол ва Қора қабилалари Ражиъда қилгани каби хиёнатга қўл уришибди, деган маънога ишора қилдилар.

Ҳақиқатни яширишга ҳар қанча уринишмасин, одамлар аҳволдан хабар топдилар, улар олдида даҳшатли бир хатар пайдо бўлганди.

Мусулмонлар жуда оғир ва танг ҳолат қаршисида қолдилар. Бану Қурайза орқа томондан зарба бергудек бўлса, уларга қарши турадиган кучнинг ўзи йўқ эди, мусулмонлар олдиларида турган улкан қўшинни ташлаб кетолмас эдилар. Боз устига, аёллар ва бола-чақалар анови хиёнаткорларнинг шундоққина тумшуқлари олдида, ночор ва ҳимоясиз ҳолда туришар, Аллоҳ таоло қуйидаги оятда айтган ҳолат юзага келганди: «Ўшанда кўзлар тиниб, юраклар бўғизларга тиқилиб қолган ва сизлар Аллоҳ ҳақида (турли) гумонлар қила бошлаган эдинглар. Ана ўша жойда мўминлар (яна бир бор) имтиҳон қилиндилар ва (бу даҳшатдан) қаттиқ ларзага тушдилар» (Аҳзоб: 10, 11).

Мунофиқ кимсалардан нифоқ зоҳир бўлиб, айримлари: «Муҳаммад бизга (форс шоҳи) Кисро ва (рум ҳукмдори) Қайсарнинг хазиналарини ваъда қилаётган эди, ваҳоланки бизлардан биримиз бугун ҳожатга боришга қўрқиб ўтирибмиз», деса, бошқа баъзилари қавмдошлари орасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Бизнинг уйларимиз душмандан ҳимояланмаган, очиқ-сочиқ ҳолда, ҳовли-жойимиз Мадинанинг ташқарисида эди, бизга изн беринг, уйларимизга қайтайлик», дейишга тушишди. Бану Салама ҳатто мағлубиятга ҳозирлана бошлади. Улар ҳақида Аллоҳ таоло оят нозил қилдики: «Ўшанда мунофиқлар ва дилларида мараз бўлган (яъни эътиқодлари заиф бўлган) кимсалар: «Аллоҳ ва Унинг пайғамбари бизларга фақат ёлғон ваъда қилган эканлар», дея бошладилар. Ўшанда улардан бир тоифа одам деди: «Эй Ясриб (яъни Мадина) аҳли, сизлар учун (бу қадар кўп сонли ёвга қарши) туриш имкони йўқдир, бас (ўз уйларингизга) қайтиб кетинглар». Улардан яна бир гуруҳ эса «Уйларимиз очиқ-сочиқ (қолган эди)» деб пайғамбардан изн сўрардилар. Ҳолбуки (уйлари) очиқ-сочиқ эмас эди. Улар фақат (жанг майдонидан) қочишнигина истардилар» (Аҳзоб: 12, 13).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Қурайзанинг хиёнати хабари келгач, бошларини ўраб ётиб олдилар ва шу ҳолда узоқ вақт қолиб кетдилар, ҳатто одамларнинг ваҳималари кучайиб кетди. Сўнг у зот хушҳол кайфиятда ўринларидан туриб келдилар ва: «Аллоҳу акбар! Эй мусулмонлар, Аллоҳнинг ғалабаси ва нусрати билан хушхабарланинглар!», деб хитоб қилдилар. Сўнг юзага келган вазиятдан чиқиш режасини ишлаб чиқишга киришдилар. Мана шу режанинг бир қисми сифатида аёллар ва болаларни ногаҳоний ҳужумдан ҳимоялаш мақсадида Мадинага қўриқчилар юбордилар. Лекин, шу билан бирга, жамоаларни кучсизлантиришга олиб келадиган бирон кескин чора кўриш зарур бўлиб турарди. Шу мақсад йўлида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ғатафон раислари бўлмиш Уяйна ибн Ҳисн ва Ҳорис ибн Авф билан улар ўз қавмларини қайтариб кетишлари эвазига Мадина ҳосилининг учдан иккисини беришга сулҳ тузмоқчи бўлдилар. Ана шунда мусулмонлар аввалдан синашта душманлари бўлмиш Қурайш билан яккама-якка қолиб, уларни узил-кесил мағлуб қилиш имкониятига эга бўлардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шу ҳақда сўров ўтказар эканлар, иккала Саъддан ҳам фикрларини сўрадилар. Улар: «Ё Расулуллоҳ, агар Аллоҳ сизни шундай қилишга буюрган бўлса, бош устига, буни албатта қабул қиламиз! Аммо агар ўзингиз бизнинг манфаатимизни кўзлаб шундай қилмоқчи бўлсангиз, бизга бунинг кераги йўқ. Чунки, биз худди улар каби бутпараст бўлган пайтимизда ҳам улар Мадина меваларини фақат меҳмон бўлиб келиб ёки сотиб олибгина ейиша оларди. Энди Аллоҳ бизни Ислом билан мукаррам қилиб, унга ҳидоятлаб қўйганидан ва сиз сабабли бизни азиз қилганидан сўнг-а?! Аллоҳга қасамки, биз уларга қиличларимиздан бошқа нарсани раво кўрмаймиз!», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг фикрларини маъқуллаб: «Мен арабларнинг сизларга қарши бир ёқадан бош чиқариб туришганини кўриб, сизларнинг манфаатингиз учун шундай қилсаммикин, дегандим», дедилар.

Сўнг Аллоҳ азза ва жалла – Унга ҳамдлар бўлсин – Ўзи тарафидан душманнинг шаштини пасайтириб, бирдамлигини парчалаб ташлаган бир ишни вужудга келтириб қўйди. Ғатафонлик Нуайм ибн Масъуд ибн Омир ал-Ашжаъий номли бир киши – розияллоҳу анҳу – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: «Ё Расулуллоҳ, мен мусулмон бўлдим, қавмимнинг бундан хабари йўқ, қандай хизмат бўлса, тайёрман», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сиз бор-йўғи бир кишисиз, холос. Майли, қўлингиздан келганича душманни биздан қайтаринг. Чунки, уруш дегани макр-ҳийла демакдир», дедилар. У дарҳол Бану Қурайзага қараб йўл олди – жоҳилият пайтида улар билан яқинлиги бор эди – ва улар олдига келиб, шундай деди: «Сизларга нисбатан дўстона муносабатимни, хоссатан сизлар билан ўртамизда яқинлик борлигини яхши биласиз». Улар ҳам: «Ҳа, тўғри айтасиз», дейишди. «Ундай бўлса эшитинглар, Қурайш сизларга ўхшаган эмас. Бу ер сизларнинг диёрингиз, сизларнинг мол-мулкларингиз ва бола-чақаларингиз шу ерда. Бу ердан бошқа жойга кўчиб кетолмайсизлар. Қурайш билан Ғатафоннинг йўриғи бутунлай бошқа. Улар Муҳаммад ва унинг асҳоблари билан уруш қилишга келишган. Сизлар уларга ёрдам бермоқдасиз. Уларнинг ватанлари, мол-мулк ва бола-чақалари бошқа жойда. Фурсатини топишса, фойдаланиб қолишади. Йўқса, сизларни Муҳаммаднинг қўлига ташлаб, жўнаб юборишади. Шунда у сизларни аяб ўтирмайди», деди. «Унда нима қилишимиз керак, эй Нуайм?», дейишган эди: «Бир неча кишини гаровга бермагунларича уларга қўшилиб жангга кирманглар», деди. Шунда улар: «Тўғри маслаҳат бердингиз», дейишди.

Шундан сўнг Нуайм улар олдидан чиқиб, тўппа-тўғри Қурайш ҳузурига жўнади. Уларга ҳам: «Менинг сизларга дўстлигимни ва холис муносабатда эканимни билсангизлар керак деб ўйлайман», деган эди: «Ҳа, биламиз», деб жавоб беришди. Шунда у: «Яҳудлар Муҳаммад билан бўлган аҳдларини бузишганидан қаттиқ пушаймон қилишмоқда. Улар Муҳаммадга элчи юбориб, сизлардан бир неча кишини гаров сифатида олиб, унга топширмоқчи эканликларини айтишибди. Шундан сўнг унинг ёнига кириб, сизларга қарши урушишармиш. Менинг сизларга насиҳатим, агар улар сизлардан гаров сўрашса, берманглар», деди. Кейин Ғатафон ҳузурига бориб, уларга ҳам шундай деди.

Бешинчи ҳижрий шаввол ойининг шанба оқшомида мушриклар яҳудларга: «Бу ерда туравериш биз учун жуда ноқулай бўлмоқда, мол-ҳолларимиз нобуд бўлиб кетаяпти. Тезроқ бизга қўшилинглар, Муҳаммадни тезроқ бир ёқли қилайлик», деб элчи юборишди. Яҳудлар уларга: «Бугун шанба бўлиб қолди, шанба куни қилган ишлари туфайли аждодларимизнинг бошига келган мусибатлардан хабарингиз бор. Қолаверса, биз то бир неча кишини гаровга бермагунингизча сизлар билан бирга жангга кирмаймиз», деб жавоб айтиб юборишди. Элчиларидан бу гапни эшитгач, Қурайш ҳам, Ғатафон ҳам: «Худо ҳаққи, Нуайм тўғри айтган экан», дейишди. Яҳудларга яна одам юбориб: «Биз сизларга бирорта ҳам одам юбормаймиз, чиқинглар, тезроқ жанг бошлайлик», дейишди. Шунда Қурайза ҳам: «Худо ҳаққи, Нуаймнинг гапи тўғри экан», деб қолди. Шундай қилиб, ҳар икки гуруҳнинг бир-бирига ишончи йўқолиб, ўрталарида ажралиш юзага келди ва қатъиятлари сусайиб қолди.

Мусулмонлар тинмай Аллоҳ таолога дуо қилиб: «Эй Парвардигор! Бизларнинг айбу нуқсонларимизни Ўзинг яширгин ва қўрқинчларимизни бартараф этгин» деб тилашарди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам аҳзобларга қарши дуо қилиб дедилар: «Эй Китоб нозил қилган ва ҳисоб-китоби тез бўлган Аллоҳим, бу жамоаларни Ўзинг мағлуб этгин! Эй Аллоҳим, уларни мағлуб этгин ва титратгин!»[20]

Аллоҳ таоло Расулининг ва мусулмонларнинг дуоларини ижобат қилди. Мушриклар сафлари ичида ажралиш юзага келганидан ва ўрталарида ўзаро ишончсизлик вужудга келганидан сўнг Аллоҳ таоло улар устига Ўз лашкари бўлмиш бўронни юборди. Бўрон уларнинг чодирларини ағдариб ташлар, қозонларини тўнкариб юборар, арқон тортган қозиқларини суғуриб ташлар эди. Шундай қилиб, улар бир жойда ўрнашолмай қолишди. Бунинг устига, Аллоҳ таоло уларга малоикалардан бўлган лашкарини туширди, малоикалар уларни титратиб, дилларига даҳшат ва қўрқув солдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўша бўронли ва қаттиқ изғиринли тунда Ҳузайфа ибн Ямонни мушрикларнинг хабарини билиб келишга юбордилар. Ҳузайфа уларни юқоридаги аҳволда, кўчишга ҳозирлик кўраётган ҳолда топди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурига қайтиб, уларнинг кетишаётгани хабарини етказди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шу тонгни Аллоҳ таоло у кишининг душманларини ҳеч нарсага эришолмай, аламлари ичида бўлган ҳолда орқаларига қайтариб юборган ҳолатда кутиб олдилар. Дарҳақиқат, уларга Аллоҳ Ўзи бас келди, У Ўзининг ваъдаси устидан чиқди, Ўзининг лашкарини азиз қилди, бандасига ёрдам берди, фирқаларни ёлғиз Ўзи мағлуб қилди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага қайтиб келдилар.

Саҳиҳроқ қавлга кўра, Хандақ жанги бешинчи ҳижрийнинг шаввол ойида бўлиб ўтди. Мушриклар қўшини мусулмонларни бир ой ёки шунга яқин муддат қамал қилиб турди. Тарихий манбаларни бир-бирига боғлаш ва текширишдан сўнг маълум бўлишича, қамал шавволда бошланиб, зул-қаъдада тамом бўлган. Ибн Саъд ривоятига кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Хандақдан қайтишлари зул-қаъда ойининг тугашига етти кун қолганида, чоршанба кунига тўғри келди.

Аҳзоб жангги катта талафотлар кўрилган жанг бўлмади, балки асаблар жанги бўлди. Унда шиддатли жанг бормади, бироқ у Ислом тарихидаги энг улкан жанглардан бирига айланди. Унда мушрикларнинг куч-қудратлари ҳеч нарсага арзимаслиги кўриниб қолди. У араблардаги ҳеч бир куч Мадинада вужудга келаётган кичиккина бир кучни таг-томиридан йўқотиб юборишга қодир эмаслигини кўрсатиб берди. Чунки, араблар Аҳзоб ғазотида жамлаганидан кўра каттароқ куч-қувват жамлашга қодир эмасдилар. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таоло аҳзобларни аритганидан сўнг: «Энди биз уларга ғазот қиламиз, улар бизга ғазот қилишолмайди, биз улар устига юриш қиламиз», дегандилар[21].



[1] Саҳиҳул Бухорий: Бобу ғазватил-хандақ 2/588.

[2] Саҳиҳул Бухорий: 1/397, 2/588.

[3] Саҳиҳул Бухорий: 2/589.

[4] Саҳиҳул Бухорий: 2/588.

[5] Термизий ривояти, Мишкотул-масобийҳ: 2/448.

[6] Саҳиҳул Бухорий: 2/588, 589.

[7] Ибн Ҳишом: 2/218.

[8] Саҳиҳул Бухорий: 2/588.

[9] Сунанун Насоий: 2/56, Аҳмад: 4/303. Матн Насоийга тегишли эмас. Насоийда: «Саҳоблардан биридан» деб ривоят қилинган.

[10] Ибн Ҳишом: 2/219.

[11] Хандақнинг узунлиги 4455 метр, эни тақрибан 4,67 метр, чуқурлиги 3,3 метрни ташкил этарди (тарж.)

[12] Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам урушга киргач тўс-тўполон ё қоронғиликда бир-бирларини таниб олишлари учун асҳобларига шиор – яъни, махфий сўз, парол қилиб берардилар (тарж.). Қаранг: Зодул-маод: 90-с.

[13] Саҳиҳул Бухорий: 2/590.

[14] Саҳиҳул Бухорий: 2/590.

[15] Нававийнинг Муслимга шарҳи: 1/227.

[16] Саҳиҳул Бухорий: 3/590.

[17] Ибн Ҳишом: 3/337.

[18] Ибн Ҳишом: 2/220, 221.

[19] Ибн Ҳишом: 2/228, Ҳофиз ибн Ҳажарнинг айтишича, Аҳмад кучли иснод билан Абдуллоҳ ибн Зубайрдан ривоят қилган. Фатҳул Борий: 6/285, Саҳиҳул Бухорийнинг 18-боби шарҳи.

[20] Саҳиҳул Бухорий: Китобул жиҳод: 1/411, Китобул мағозий: 2/590.

[21] Саҳиҳул Бухорий: 2/590.


Qayd etilgan