УҲУД ҒАЗОТИ
Қурайшнинг интиқом жанггига тайёрланиши
Бадрда етган мағлубият, аслзода ва раҳбарларининг ҳалокати туфайли Макка мусулмонларга қарши алам ва нафрат ўтида қовурилар, дилларда интиқом ва ўч олиш истаклари жўш урарди. Ҳатто Қурайш ўзлари чекаётган мусибат ва аламнинг оғирлигини мусулмонларга билдириб қўймаслик учун Бадрда ўлдирилган кишиларига овоз чиқариб йиғлашни ҳам тақиқлаб қўйган, мусулмонлар қўлидаги асирларини тўлов эвазига қутқариш учун ҳам шошилмасликка буюрган эди.
Бадр ғазотидан сўнг Қурайш қасос олиш ташналигини қондириш ва аламидан чиқиш мақсадида мусулмонларга қарши кенг кўламда уруш қилишга келишиб олганди, энди у ана шу улкан жанг учун тайёрланишга киришди.
Қурайш раҳбарлари ичида Икрима ибн Абу Жаҳл, Сафвон ибн Умайя, Абу Суфён ибн Ҳарб ва Абдуллоҳ ибн Абу Рабиъалар бундай уруш қилишга энг кўп тарафдор кишилар бўлди.
Бу мақсадда энг биринчи қилган ишлари – Абу Суфён қутқариб қолган ва Бадр урушига сабаб бўлган карвонни тўлалигича ушлаб қолиш бўлди. Ундаги тижорат молларининг эгаларига: «Эй Қурайш жамоаси, Муҳаммад сизларга зулм қилди, энг яхши кишиларингизни ўлдирди, энди унга қарши уруш қилишга мана шу молларингиз билан ёрдам беринглар, шояд шу билан ундан ўчимизни олсак», дейишган эди, улар бунга рози бўлишди. Карвон минг туядан иборат бўлиб, ундаги молларни сотишганда эллик минг динор бўлди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло оят нозил қилган эдики: «Албатта, кофир бўлган кимсалар мол-дунёларини Аллоҳнинг йўлидан тўсиш учун ишлатурлар. Бас, уни сарфлайдилар-у, сўнгра ўша (моллари) ўзларига ҳасрат бўлур, сўнгра мағлуб бўлурлар» (Анфол: 36).
Сўнгра мусулмонларга қарши урушга ўз ҳиссасини қўшишни истаган аҳбошлар (яъни, Макка атрофларидаги тарқоқ қабилалар), Кинона ва Тиҳома аҳли учун ихтиёрий иона қилиш (молиявий ёрдам кўрсатиш) эшигини катта очиб қўйишди ва бунинг учун хилма-хил тарғибот-ташвиқот йўлларини қўллашди. Ҳатто, Сафвон ибн Умайя шоир Абу Иззани – Бадр жанггида асир тушганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат кўрсатиб, ҳеч қандай тўловсиз озод қилган ва у зотга қарши бирон ҳаракатга қўшилмасликка аҳд олган шоирни – ўз шеърлари билан қабилаларни мусулмонларга қарши жангга қўзғотишга ундади ва агар шу жангдан омон қайтса уни бойликка кўмиб юборишини, агар ҳалок бўлса қизларини ўз кафолатига олишини ваъда қилди. Абу Изза ҳамият ва ҳиссиётларни қўзғотувчи шеърлари билан қабилаларни жангга тарғиб қила бошлади. Ундан бошқа, Мусофиъ ибн Абдуманоф исмли яна бир шоирни ҳам бу ишга жалб этдилар.
Абу Суфён ҳам Савиқ ғазотидан ноумид ва мақсадга эришолмай, боз устига йўл озуқаларидан айрилиб қайтганидан сўнг ушбу урушга жон-жаҳди билан тарғиб қиларди.
Бунинг устига, яқингинада Зайд ибн Ҳориса бошчилигидаги сарийяда Қурайш бошига тушган ва иқтисодини синдириб ташлаган қақшатқич молиявий зарба шунингсиз ҳам ёниб турган оловга мой сепгандек бўлди ва Қурайш учун чидаб бўлмас алам-оғриқ келтирди. Шундан сўнг Қурайшнинг мусулмонлар билан ҳал қилувчи жанг қилиш учун тайёргарлиги яна ҳам кучайиб кетди.
Қурайш лашкарининг таркиби ва қўмондонлиги
Бир йил деганда Макка урушга батамом ҳозир бўлди, унинг қўшини сафига Қурайш ва унинг иттифоқчилари ҳамда аҳбошлардан иборат уч минг жангчи йиғилди. Қурайш раҳбарияти эркаклар орияти қўзғалиши ва ор-номуслари йўлида фидокорлик билан жанг қилишлари учун аёлларни ҳам ўзлари билан бирга олишга қарор қилишди. Лашкар ичида ўн беш чоғли аёл бор эди.
Қўшиннинг ҳаракатланиш қуроллари уч минг туядан, отлиқ бўлинмаси икки юзта отдан[1], ҳимоя қуроллари етти юзта совутдан ташкил топганди. Бош қўмондонлик Абу Суфён ибн Ҳарб зиммасида бўлиб, Холид ибн Валид отлиқ бўлинма қўмондони, Икрима ибн Абу Жаҳл унинг ёрдамчиси этиб тайинланди. Қўшин байроғи Бану Абдуд-Дор уруғи қўлига берилди.
Макка қўшини йўлга тушади
Мана шундай мукаммал тайёргарликдан сўнг Макка қўшини Мадинага қараб йўлга тушди. Қадимий адоват ва алам туйғуларидан қалбларда ғазаб ва нафрат алангалари тобора гуриллаб борар, бу эса тезда юз беражак аёвсиз жанглардан дарак берарди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам душманнинг ҳаракат режасини ўрганадилар
Аббос ибн Абдулмутталиб Қурайшнинг барча ҳаракатларини ва ҳарбий тайёргарликларини кузатиб борарди. Лашкар йўлга чиққач, Аббос зудлик билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни қўшин ҳақидаги барча тафсилотлардан огоҳ этиб, мактуб йўллади.
Аббоснинг элчиси катта тезликда ҳаракатланиб, Макка билан Мадина ўртасидаги 500 километрга яқин масофани уч кунда босиб ўтди ва мактубни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга топширди, у зот ўша пайт Қубо масжидида эдилар.
Мактубни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Убай ибн Каъб ўқиб эшиттирди. Унга мактуб мазмунини сир тутишни буюрдилар ва дарҳол Мадинага қайтиб, муҳожир ва ансор раҳбарлари билан фикр алмашдилар.
Мусулмонларнинг фавқулода ҳолатга тайёрланишлари
Мадинада умумий ҳарбий сафарбарлик ҳолати ҳукм сурар, эркаклар ҳар қандай фавқулода ҳолатга тайёр туриш мақсадида ҳатто намозларда ҳам қуролларини қўймаётган эдилар.
Ансорлардан бир гуруҳи – улар ичида Саъд ибн Муоз, Усайд ибн Ҳузайр ва Саъд ибн Убода ҳам бор эди – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни қўриқлаб юришар, тунлари ҳам у зотнинг эшиклари олдидан қимирламасдилар. Ногаҳоний ҳужумнинг олдини олиш мақсадида Мадинанинг барча кириш жойларига қўриқчилар гуруҳи қўйилганди.
Мусулмонлардан тузилган ҳарбий бўлинмалар душманнинг ҳаракат йўналишини ўрганиш мақсадида мушриклар йўл солиши мумкин бўлган барча йўллар атрофида айланиб юрардилар.
Макка қўшини Мадинага яқинлашади
Макка қўшини одатий йўл бўлмиш асосий ғарбий йўл бўйлаб юришини давом эттириб, Абвоъга етиб келганда Абу Суфённинг аёли Ҳинд бинт Утба ўша ерда бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оналари қабрини очиб ташлашни таклиф қилди, бироқ қўшин раҳбарияти унинг бу талабини рад қилишди ва бундай ишга қўл уришнинг оқибати ёмон бўлиши билан огоҳлантиришди.
Сўнгра қўшин йўлида давом этиб, Мадинага яқинлашди. Ақиқ водийсига етгач, ўнг томонга бурилиб, Уҳуд тоғи яқинига, Мадинанинг шимолий тарафида жойлашган Айнайн деб аталган жойга келиб тўхтади ва ўша ерда лашкаргоҳ (лагер) қурди. Бу ҳижрий учинчи йил шаввол ойининг олтисида, жумъа куни бўлганди.
Мудофаа режасини тузиб олиш учун маслаҳат кенгаши
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Макка қўшини ҳақидаги ҳамма хабарлар тўхтовсиз етказиб турилди. Қўшиннинг келиб тушгани ҳақидаги хабарни олганларидан сўнг у зот олий ҳарбий маслаҳатлашув кенгаши ўтказдилар. Унда мавқиф (позиция) танлаш ҳақида фикр алмашув бўлиб ўтди, кўрган бир тушлари ҳақида хабар бериб: «Аллоҳга қасамки, мен бир яхши туш кўрдим. Бир мол (сигир)нинг сўйилганини кўрдим, қиличимнинг тиғида кичик бир синиқни кўрдим, мустаҳкам совут ичига қўл солганимни кўрдим», дедилар. Сигирни бир қанча асҳобларининг қатл қилинишига таъвил қилдилар, қиличларидаги синиқни аҳли байтларидан бир кишининг шаҳид бўлишига таъвил қилдилар, совутни Мадинага таъвил қилдилар.
Сўнг у зот Мадинадан чиқмай, шу ерда ҳимояланиб туриш фикрини ўртага ташладилар. Агар мушриклар келиб тушган жойларида тураверишса, бефойда тураверишади. Агар Мадинага кириб келишса, эркаклар кўчаларнинг бошларида туриб, аёллар эса томлардан туриб улар билан жанг олиб боришади, дедилар. Шу фикр мувофиқ кўрилиб, мунофиқлар бошлиғи Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул ҳам бунга қўшилди, у бу мажлисда Хазраж бошлиқларидан бири сифатида қатнашаётган эди. Бироқ, маълум бўлишича, унинг бу фикрни қўллаб-қувватлаши мазкур фикр ҳарбий жиҳатдан энг тўғри мавқиф бўлгани учун эмас, балки ҳеч кимга билдирмай жангдан узоқлашиш имкони бўлгани учун эди. Бироқ, Аллоҳ таоло уни ва шерикларини илк бор мусулмонлар кўзи олдида шарманда қилишни, уларнинг куфр ва нифоқлари устига ўралиб турган ниқоблари йиртилиб, ҳақиқий башаралари очилиб қолишини ва мусулмонлар энг оғир дамларда ўз қўйинларига кириб олган илонларни таниб олишларини хоҳлади.
Бадрда иштирок этолмаган ва бошқа бир қанча улуғ саҳобалар эса Мадина ташқарисига чиқиб жанг қилиш таклифи билан чиқдилар ва бу фикрларини қаттиқ туриб ҳимоя қилдилар, ҳатто баъзилари: «Ё Расулуллоҳ, биз бу кунни орзиқиб кутаётган ва Аллоҳдан шундай кун келишини сўраётган эдик. Мана, Аллоҳнинг Ўзи уларни бизнинг ҳузуримизга келтириб қўйди. Келинг, душман рўпарасига чиқиб борайлик, улар бизни қўрқоқлик қилди деб ўйлашмасин», дейишди.
Ушбу фидоийлар бошида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амакилари – Бадрда чиройли имтиҳондан ўтган улуғ саҳобий Ҳамза ибн Абдулмутталиб турган эди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Сизга Китоб нозил қилган Зотга қасамки, то Мадина ташқарисида уларга қарши қиличим билан жанг қилмагунча оғзимга таом олмаганим бўлсин», деб қасамёд қилди[2].
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу фидоий инсонлар риояси учун ўз фикрларидан қайтдилар ва Мадина ташқарисига чиқиб, душман билан очиқ майдонда жанг олиб боришга қарор қилдилар.
Ислом лашкарининг бўлинмаларга бўлиниши ва жанг майдонига чиқиб бориши
Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жума куни одамлар билан жумъа намозини ўқидилар, уларга ваъз-насиҳатлар қилиб, ғайрат ва шижоатга чорладилар, ғалаба сабр-матонат билан келишини айтиб, душман билан тўқнашувга тайёр бўлишга амр этдилар. Одамлар у зотнинг сўзларини жон қулоқлари билан тинглаб, хурсандлик билан қабул қилдилар. Сўнг аср намозини жамоат билан ўқидилар. Ҳамма йиғилган, Аволий (Мадинанинг юқори тарафи) аҳолиси ҳам ҳозир бўлган эди. Сўнг у зот икки дўстлари Абу Бакр ва Умар ҳамроҳлигида уйларига кирдилар, улар ёрдамида бошларига салла, энгиларига икки қават совут (зирҳли ҳарбий либос) кийдилар, белларига қилич тақдилар, сўнг шу ҳолда одамлар олдига чиқиб келдилар.
Одамлар у зотнинг чиқишини кутиб турган эдилар. Чунки, Саъд ибн Муоз билан Усайд ибн Ҳузайр уларга танбеҳ бериб: «Сизлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўзлари истамаган ишга – жанг учун Мадина ташқарисига чиқишга мажбур қилдингизлар, ишни у зотнинг ихтиёрларига қўйишларингиз керак эди», дейишган, шу боис ҳаммалари қилган ишларига пушаймон бўлиб туришган эди. У зот чиқиб келгач: «Ё Расулуллоҳ, биз сизнинг фикрингизга қарши чиқмаслигимиз керак эди, сиз истаган иш бўлсин, Мадинада турамиз десангиз, майли, тураверамиз», дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Пайғамбар эгнига совутини кийганидан сўнг энди то Аллоҳ у билан душмани ўртасида ҳукм қилмагунича уни ечиши жоиз бўлмайди», дедилар[3].
Шундан сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўшинни уч гуруҳга бўлдилар:
1) Муҳожирлар гуруҳи, унинг байроғини Мусъаб ибн Умайр ал-Абдарийга бердилар.
2) Ансорларнинг Авс гуруҳи, унинг байроғини Усайд ибн Ҳузайрга бердилар.
3) Ансорларнинг Хазраж гуруҳи, унинг байроғини Ҳубоб ибн ал-Мунзирга бердилар.
Қўшин мингта жангчидан ташкил топган бўлиб, ичларида юзта совут кийган жангчи бор эди. Унинг таркибида битта ҳам отлиқ йўқ эди[4].
Мадинада қолган кишиларга имом бўлиб намоз ўқиб бериш учун Ибн Умму Мактумни халифа қилиб қолдиргач, йўлга чиқишга изн бердилар. Қўшин шимол тарафга қараб қўзғолди. Иккала Саъд Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларида совут кийган ҳолда боришарди.
Вадоъ тепалигидан ўтиб бораётганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яхши қуролланган ва қўшиндан ажралиб турган бир гуруҳга кўзлари тушиб, улар ҳақида сўраган эдилар, улар Хазражнинг иттифоқчилари бўлган яҳудийлар эканини, мушрикларга қарши жангда иштирок этиш истагида чиқишганини айтилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Улар мусулмон бўлдиларми?», деб сўрадилар. «Йўқ», деб жавоб берилди. Шунда ширк аҳлига қарши куфр аҳлининг ёрдамидан воз кечдилар.
Қўшинни кўздан кечиришлари
Шайхон деб номланган жойга етганларида қўшинни бир сидра кўздан кечириб, ёши кичик ва жанг қилишга қурби етмайди, деб кўрганларини ортга қайтариб юбордилар. Улар ичида Абдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттоб, Усома ибн Зайд, Усайд ибн Зуҳайр, Зайд ибн Собит, Зайд ибн Арқам, Ароба ибн Авс, Амр ибн Ҳазм, Абу Саид ал-Худрий, Зайд ибн Ҳориса ал-Ансорий ва Саъд ибн Ҳаббалар бор эди. Улар ичида Баро ибн Озиб ҳам бўлгани айтилади, бироқ Бароънинг «Саҳиҳул Бухорий»да ривоят қилган ҳадиси унинг ушбу жангда иштирок этганига далолат қилади.
Рофиъ ибн Хадиж билан Самура ибн Жундабга ёшлари кичик бўлишига қарамай жангда иштирок этишга ижозат бердилар. Чунки, Рофиъ ибн Хадиж найза отишга моҳир эди, шунинг учун унга ижозат бердилар. Буни кўрган Самура: «Мен Рофиъдан кучлиман, курашда уни енгаман», деди. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтилгач, у зот иккаласини кураштириб кўрдилар. Дарҳақиқат, Самура курашда Рофиъни енгиб қўйгач, унга ҳам жангда иштирок этишга ижозат бердилар.
Уҳуд билан Мадина ўрталиғида тунашлари
Шу ерда эканларида кеч кириб, шом намозини ўқидилар. Кейин хуфтон намозини ҳам ўқиб, кечани шу ерда ўтказишга қарор қилдилар. Эллик кишини тун бўйи лашкаргоҳ атрофини айланиб, қўриқлаб чиқишга ажратдилар ва уларга Каъб ибн Ашрафни ўлдириш сарийяси қаҳрамони Муҳаммад ибн Маслама ал-Ансорийни бошлиқ қилиб тайинладилар. Заквон ибн Абдуқайс Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни қўриқлашга бош-қош бўлди.
Абдуллоҳ ибн Убай ва унинг шерикларининг исёни
Тонг отишига яқин қўшин йўлга тушиб, бир мунча масофани босиб ўтганларидан сўнг бомдод намозини ўқидилар. Душманга анча яқинлашиб қолишган, ҳар икки тараф бемалол бир-бирини кўриб турарди. Шу ҳолда мунофиқ Абдуллоҳ ибн Убай исён кўтарди, «Нега энди ўзимизни ўлимга тутиб беришимиз керак?!» деб, лашкарнинг қарийб учдан бирини – уч юз жангчини – эргаштириб ортига қайтиб кетди ва бу ишига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг фикрини олмасдан, бошқаларнинг фикрига эргашиб кетганини рўкач қилиб кўрсатди.
Шубҳасиз, бу ажралишнинг сабаби у айтаётганидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг фикрини рад қилганликлари эмасди. Акс ҳолда, унинг Мадина қўшинига эргашиб шу ергача келишининг маъноси бўлмасди ва у аллақачон, қўшин йўлга чиқмасиданоқ ажралиб кетган бўларди. Аслида, унинг бу исёндан кўзлаган асосий ғарази – мана шундай таранг бир вазиятда, душманнинг кўзи олдида мусулмон лашкари ичида парокандалик ва саросима пайдо қилиш, қўшиннинг катта қисмини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг итоатларидан юлиб олиш ва у кишининг ёнларида қолган қисмини ҳам руҳий-маънавий тушкунликка тушириш бўлиб, буни кўрган душманнинг руҳияти кўтарилиб, шижаоатига шижоат қўшилишини ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан у зотнинг мухлис асҳобларини осонликча ер билан яксон қилишини, шундан сўнг раҳбарлик яна ўзининг қўлига қайтиши учун қулай фурсат вужудга келишини истаган эди.
Ушбу мунофиқнинг кўзлаган режаси амалга ошишига бир баҳя қолди. Яъни, лашкар ичидан икки жамоа – Авсдан Бану Ҳориса ва Хазраждан Бану Салама саросимага тушиб, ортга қайтмоқчи бўлиб қолишди, бироқ, уларга Аллоҳнинг Ўзи ёр бўлиб, тезда ўзларига келишиб, қадамлари яна қайта мустаҳкамланди. Улар ҳақида Аллоҳ таоло айтади: «Ўша пайт сизларнинг орангиздан икки гуруҳ умидсизликка туша бошлади. Ҳолбуки, Аллоҳ уларга ёр эди. Бас, мўминлар ёлғиз Аллоҳгагина суянсинлар!» (Оли Имрон: 122).
Абдуллоҳ ибн Ҳаром – Жобир ибн Абдуллоҳнинг отаси – бу мунофиқларга шундай қалтис вазиятда бундай иш тутиш хато бўлишини эслатиб, ортларидан бориб, уларга танбеҳ бера ва ортга қайтишга ундай бошлади, «Бундай қилманглар, келинглар, Аллоҳнинг йўлида жанг қилинглар ёки ҳеч бўлмаса сонимизни кўпайтириб, душманни даф қилиб туринглар», деди. Улар унга жавобан: «Агар сизларнинг жанг қила олишингизни билсак, ортга қайтиб кетмаган бўлардик», дейишди. Шундан сўнг Абдуллоҳ ибн Ҳаром: «Аллоҳ сизларни узоқ қилсин! Тезда Аллоҳ ўз пайғамбарини сизлардан беҳожат қилади!» деганича ортига қайтди.
Бу мунофиқлар ҳақида Аллоҳ таоло шундай дейди: «Уларга: «Келинглар, Аллоҳ йўлида жанг қилинглар ёки (ҳеч бўлмаса бизнинг саноғимизни кўпайтириш билан душманни) даф қилинглар», дейилса, «Агар жанг бўлишини аниқ билганимизда-ку сизларнинг ортингиздан борган бўлар эдик», дейишади. Ўша куни улар иймондан кўра куфрга яқинроқ эдилар. Улар оғизда кўнгилларида бўлмаган нарсаларни гапирмоқдалар. Аллоҳ эса уларнинг яширган сирларини жуда яхши билувчидир» (Оли Имрон: 167).
Қўшиннинг қолган қисми Уҳуд сари йўл олади
Ушбу исён ва ажралишдан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўшиннинг қолган қисми – етти юз жангчи – билан душман томон йўлни давом эттирдилар. Мушрикларнинг қароргоҳи мусулмонлар билан Уҳуд ўртасидаги минтақаларда жойлашган бўлиб, уларни Уҳуд яқинига етиб боришлари йўлини тўсиб турарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким бизни энг яқин йўл билан душманга йўлиқтирмай Уҳудга олиб чиқа олади?», дедилар. Абу Хайсама: «Мен олиб чиқаман, ё Расулуллоҳ», деди, сўнг мушриклар қўшинини чап тарафда қолдириб, Уҳудга Бану Ҳориса қабиласининг экинзорлари оралаб ўтиб борувчи энг яқин йўлга бошлади.
Мазкур йўл Мирбаъ ибн Қайзий номли кўзи ожиз бир мунофиқнинг бўстони оралаб ўтар эди. Бу кимса қўшин дарагини билгач, мусулмонлар юзига тупроқ соча бошлади ва: «Агар Аллоҳнинг элчисиман десанг, бўстонимга қадам босишингга изн бермайман», деди. Уни ўлдиришга чоғланишган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ўлдирманглар, майли, бунинг кўзигина эмас, қалби ҳам кўр экан», дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам йўлда давом этиб, Уҳуд тоғи остидаги бир дарага, водийнинг бир чеккасига тушдилар, қўшинни Мадина тарафига юзлантириб, орқасини тоғ томонга қилиб лашкаргоҳ қилдилар. Шунга кўра, душман қўшини мусулмонлар билан Мадина ўртасини ажратиб турадиган бир кўриниш ҳосил бўлди.
Мудофаа режаси
Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам лашкарни сафларга териб, жангга ҳозирлай бошладилар. Қўшин ичидан уста камончилардан ташкил топган эллик кишилик бир гуруҳни ажратиб, уларга Абдуллоҳ ибн Жубайр ибн Нўъмон ал-Ансорий ал-Авсий ал-Бадрийни бошлиқ қилиб тайинладилар ва уларга Қанот водийсининг шимолий тарафидаги, мусулмон лашкаргоҳининг жанубий шарқий томонида, лашкаргоҳдан юз эллик метрча узоқликда жойлашган бир тоғ устига – кейинчалик бу тоғ «Жабал ар-румот» (камончилар тоғи) номини олди – чиқиб ўрнашиб олишни буюрдилар.
Бундан кўзда тутилган мақсад Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг камончиларга айтган сўзларида мужассам бўлганди, у зот уларнинг бошлиқларига шундай дегандилар: «Душман отлиқларини биздан камонлар билан қайтариб турасиз, улар орқа томонимиздан келиб қолишмасин. Жанг бизнинг фойдамизга ҳал бўлса ҳам, зараримизга ҳал бўлса ҳам ўрнингиздан қимирламай туринг, сиз турган томондан ҳужумга дучор бўлиб қолмайлик»[5]. Камончиларга шундай дедилар: «Орқамизни ҳимоя қилиб туринглар! Бизни ўлдираётганларини кўрсангиз ҳам ёрдамга шошилманглар! Ғанимат олаётганимизни кўрсангиз ҳам бизга шерик бўлишга шошилманглар!»[6] Бухорий ривоятида: «Агар (ўлаксахўр) қушлар бизга чанг солаётганини кўрсангизлар ҳам то мен ўзим одам жўнатмагунимча мана шу жойингиздан қимирламанглар! Агар қавмни мағлуб этиб, ер билан яксон қилганимизни кўрсангизлар ҳам то ўзим одам юбормагунимча ўрнингиздан қимирламанглар!», дедилар[7].
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу гуруҳни мана шундай ҳарбий буйруқлар билан тоққа жойлаштириш орқали мушрикларнинг отлиқ аскарлари мусулмонларнинг орқа томонидан суқулиб кириб, уларни ўраб олиши мумкин бўлган ягона очиқ жойни беркитган эдилар.
Қўшиннинг қолган қисмини қуйидагича жойлаштирдилар: ўнг қанотга Мунзир ибн Амрни, чап қанотга Зубайр ибн Аввомни қўйдилар, унга Миқдод ибн Асвад кўмак бериб турадиган бўлди. Зубайрга Холид ибн Валиднинг отлиқ аскарларига қаршилик кўрсатиш вазифаси юкланганди. Олдинги қаторга мард ва жасурлик билан донг таратган, минглаб кишиларга бас келувчи баҳодир инсонлардан ташкил топган мумтоз бир жамоани қўйдилар.
Бу ҳар томонлама пухта ва ғоят донолик билан ишлаб чиқилган режа бўлиб, унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳарбий бошқарувчилик маҳоратлари яққол кўриниб турарди. Ҳар қанча маҳорат эгаси бўлмасин, бошқа бирон қўмондон бундан кўра пухтароқ ва тўғрироқ режа ишлаб чиқа олмаган бўларди. У зот жанггоҳга душмандан кейин келиб тушган бўлишларига қарамай, жанг учун энг қулай ва афзал ўринни танлай билдилар, орқа ва ўнг томонларини баланд тоғлар ҳимоя қилиб турарди, жанг қизғин палласига кирган пайтда душман ёпирилиб келиши мумкин бўлган орқа томондаги ягона туйнукни тўсиш билан чап ва орқа томонларини ҳимоя қилдилар. Лашкаргоҳлари учун баландлик жойни танладилар. Боиси, мусулмонлар чекинишларига тўғри келиб қолса, ўша тепаликка чиқиб оладилар, атрофга тумтарақай қочиб, қувиб келаётган душман зарбасига дучор бўлишдан ва асирга тушишдан қутулиб қоладилар. Шу билан бирга душман агар мусулмонлар лашкаргоҳини қўлга киритиш мақсадида бостириб келса, катта талафот кўришга мажбур бўлади.
Душманни эса мабодо ғалабага эришган тақдирида ҳам ғолиблик нашъасидан тўла-тўкис фойдаланиши жуда ноқулай бўлган, ғалаба мусулмонлар томонида бўлганда эса мусулмонларнинг таъқибидан қочиб қутулишлари жуда қийин бўлган пастқам жойни қабул қилишга мажбур қилдилар. Ундан ташқари, лашкарнинг сон жиҳатидан бўлган камчилигини шерюрак ва баҳодир саҳобаларидан ташкил топган мумтоз жамоани олдинги сафларга қўйиш билан қопладилар.
Шундай қилиб, қўшин учинчи ҳижрий шаввол ойининг еттинчиси, шанба куни тонгида жангга тахт ҳолга келтириб қўйилди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўшинни жасоратга чорлайдилар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўшинни то ўзлари буюрмагунларича жанг бошлашдан қайтардилар. Ҳарбий либосларини кийиб, асҳобларини жангга тарғиб қилдилар, душман билан тўқнашганда сабр-матонат кўрсатишга ундадилар, асҳобларини шижоат ва жасоратга илҳомлантира бошладилар. Кескир қилични қинидан суғуриб: «Ким шу қилични ҳаққини адо этиш шарти билан олади?», деб хитоб қилдилар. Бир неча киши уни олиш учун ўрнидан қўзғолди, улар ичида Алий ибн Аби Толиб, Зубайр ибн Аввом, Умар ибн Хаттоблар бор эди. Абу Дужона Симок ибн Хараша у зотнинг ёнларига бориб: «Унинг ҳаққини қандай адо этиш мумкин, ё Расулуллоҳ?», деб сўради. «То эгилиб кетгунича душман юзига уриш билан», деб жавоб бердилар. «Унда мен унинг ҳаққини адо этаман ё Расулуллоҳ!», деди у. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қилични унга бердилар.
Абу Дужона жангга кирганда ҳеч кимни назар-писанд қилмайдиган қўрқмас инсон эди. Унинг қизил пешонабоғи бўлиб, агар уни пешонасига боғлаб олса, то ўлгунимча урушаман, деган маънони билдирарди. Қилични Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қабул қилиб олгач, у ўша пешонабоғни боғлаб олиб, икки саф оралиғида кибру-ҳаво билан юра бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буни кўриб: «Бу юришни шу каби ўриндан бошқа жойда Аллоҳ ёқтирмайди», дедилар.
Макка қўшинининг жангга тайёргарлиги
Мушриклар эса қўшинни сафлар тартибига кўра тузишди. Бош қўмондон Абу Суфён Сохр ибн Ҳарб қўшиннинг марказини эгаллади, ўнг қанотга Холид ибн Валидни, чап қанотга Икрима ибн Аби Жаҳлни қўйди, пиёдаларга Сафвон ибн Умайя, найзабозларга эса Абдуллоҳ ибн Абу Рабиъа бош бўлди.
Байроқ Бану Абдуддор қавмига берилди, чунки байроқдорлик вазифаси – китобнинг бошида айтиб ўтганимиздек – Абдуманоф Қусой ибн Килобдан мерос қолган мансабларни тақсимлаганида Бану Абдуддор чекига тушган, ўшандан бери аждодлар анъанасига содиқ қолишиб, ҳеч бир қавм улардан бу мансабни талашишга ҳақли саналмасди. Шундай бўлса-да, бош қўмондон Абу Суфён Бадр жангида Қурайш қўшинининг байроқдори Назр ибн Ҳорис асирга тушгач, қўшин бошига келган кўргилик ҳақида гапириб, Бану Абдуддорнинг қонини қайнатиш ва ҳамиятини қўзғотиш мақсадида уларга: «Эй Бану Абдуддор, Бадр куни байроқни сизларга бериб қўйиб, бошимизга нима кўргиликлар келганини кўрдингиз, душман биринчи бўлиб байроқ томонга қараб интилади, агар байроқ йиқилса, қўшин пароканда бўлиб кетади. Шундай экан, қўлингиздан келса байроқни олинглар, бўлмаса қўйинглар, ўзимиз унга кифоя қиламиз», деди.
Абу Суфённинг ўқи нишонга бориб тегди, Бану Абдуддор унинг сўзларидан қаттиқ ғазабланиб, ёқасидан олишга яқин бўлди, «Ҳали биз байроғимизни сенга бериб қўярканмизми?! Эртага душман билан тўқнашган пайт бизнинг кимлигимизни билиб оласан!», деб тўполон кўтаришди. Дарҳақиқат, улар жангда қаттиқ матонат кўрсатишиб, битта ҳам қолмай ҳаммаси ҳалок бўлиб кетишди.
Қурайшнинг сиёсий найранглари
Жанг бошланишига оз қолганда Қурайш мусулмонлар сафлари ичида бўлиниш ва низо келтириб чиқаришга уриниб кўрди. Абу Суфён ансорларга одам юбориб: «Қавмдошимиз билан бизнинг ўртамизни холи қўйинглар, биз сизларга тегмаймиз, сизлар билан жанг қилиш бизга зарур эмас», деб айттирди. Лекин тоғлар ҳам бас келолмайдиган мустаҳкам иймон олдида бу каби уринишлар нима ҳам қила оларди?! Ансорлар унга жуда қўпол суратда, хунук сўзлар билан жавоб беришди.
Иккала қўшин бир-бирига яқинлашиб, жанг бошланишига саноқли дақиқалар қолганда Қурайш айни мақсад йўлида яна бир уринишга қўл урди. У Абу Омир ал-Фосиқ номли – асли исми Абду Амр ибн Сойфий бўлиб, ар-Роҳиб деб аталар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни ал-Фосиқ деб атагандилар – бир хоинни ансорлар ёнига жўнатди, у жоҳилият пайтида Авснинг раҳбарларидан бўлиб, Мадинага Ислом келгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга адоват йўлини танлаган, Мадинадан чиқиб кетиб, Қурайшга бориб қўшилган ва уларни тинмай Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарши урушга гижгижлар, Қурайшни: «Қавмим мени кўрса, сўзимни қабул қилиб, жангдан чиқиб кетади», деб ишонтириб келарди. У қавмига ўзини танитиб: «Эй Авс жамоаси, мен Абу Омирман», деб қичқирган эди, улар: «Аллоҳ кўзингни кўр қилсин, эй фосиқ!», деб жавоб беришди. Шундан сўнг у: «Қавмимга мендан сўнг ёмонлик етибди», деб ноумид ортига қайтди, жанг бошлангач эса улар билан қаттиқ урушди, уларга тошлар улоқтирди.
Шундай қилиб, Қурайш иймон аҳлининг сафларини бўлиб ташлаш мақсадида уюштирган иккинчи уриниш ҳам чиппакка чиқди. Унинг бу уринишлари сон ва қурол-аслаҳа жиҳатидан устун бўлишига қарамай, мусулмонлардан қаттиқ ҳайиқаётганига ва дилларида кучли қўрқув борлигига далолат қиларди.
Қурайш аёлларининг тарғибот-ташвиқот ҳаракатлари
Қурайш аёллари ҳам Абу Суфённинг аёли Ҳинд бинт Утба бошчилигида жангга етарлича ҳисса қўшишга уриндилар. Улар сафлар орасида айланиб юришар, чилдирмаларини чалиб, эркакларни жангга чорлаб қўшиқлар айтишар, уларнинг руҳиятини кўтаришга, шижоатларига шижоат қўшишга ҳаракат қилишар, ҳамиятларини қўзғатувчи, уруш ва жанг кишиларининг жанговор туйғуларини ҳаракатга келтирувчи шеърлар ўқишарди. Улар гоҳо байроқдорларга қарата:
«Олға, Бану Абдуддор!
Сиз қўшинга байроқдор,
Душманни қилинг абгор!», деб хитоб қилишар, гоҳ қавмларини жангга чорлаб:
«Гар ғолиб бўлсангиз қучоқ очамиз,
Пойингизга алвон гуллар сочамиз.
Ортга чекинсангиз, минг лаънат ўқиб,
Юз кўришмас бўлиб сиздан қочамиз» дея шеърлар ўқишарди.
Жангнинг бошланиши
Ҳар икки гуруҳ бир-бирига яқинлашиб, жанг онлари етиб келди. Жангни биринчи бўлиб мушрикларнинг байроқдори Талҳа ибн Аби Талҳа ал-Абдарий бошлаб берди. У Қурайшнинг энг баҳодир суворийларидан бўлиб, мусулмонлар уни «лашкарнинг қўчқори» деб аташганди. У туяга миниб, ўртага чиқиб келди ва мубораза (яккама-якка олишув)га чақирди. Одамлар унинг шижоатидан бироз ҳайиқиб, олишувга чиқишдан тўхталиб туришди. Шунда Зубайр ибн Аввом у билан олишувга чиқиб борди ва шердек отилиб, унинг туясига миниб олди, сўнг уни ерга улоқтириб, қиличи билан бошини танидан жудо қилди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ажойиб олишувни кўриб, такбир айтиб юбордилар, мусулмонлар ҳам Зубайрга тасанно айтиб, такбир айтишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳар бир пайғамбарнинг ўз ҳаворийси (ёрдамчиси) бўлади, менинг ҳаворийим Зубайрдир», дедилар[8].
Байроқ атрофида оғир жанг бўлиб ўтиши ва байроқдорларнинг қирилиб кетиши
Шундан сўнг уруш олови гуруллаб, гуруҳлар ўртасида майдоннинг ҳар бир нуқтасида шиддатли жанг бошланиб кетди. Жангнинг асосий оғирлиги мушрикларнинг байроғи атрофида кечди. Бану Абдуддор қавми ўз бошлиқлари Талҳа ибн Аби Талҳа ўлдирилгач, байроқни бирин-кетин қабул қилиб ола бошлади. Аввал унинг укаси Абу Шайба Усмон ибн Талҳа байроқни қўлига олиб:
«Байроқдорга ўзга йўл йўқ, фақат жанг!
Ё ўлар, ё душман ҳолин қилар танг!», деганча жангга отилди.
Шунда Ҳамза ибн Абдулмутталиб унга ҳамла қилди ва қиличи билан елкасига зарб билан уриб, қўли билан бирга елкасини ҳам чопиб, киндигигача ёриб юборди ва унинг ўпкаси очилиб қолди.
Сўнгра байроқни Абу Саъд ибн Аби Талҳа қўлга олди. Саъд ибн Аби Ваққос отган камон ўқи унинг бўғзига тегиб, тили осилиб қолди ва ўша заҳоти жон берди. Баъзи ривоятларда: «Абу Саъд муборазага чорлаб ўртага чиққан, шунда Алий ибн Аби Толиб унга талабгор бўлиб чиқиб, ўлдирган», ҳам дейилади.
Ундан сўнг байроқ Мусофиъ ибн Талҳа ибн Аби Талҳанинг қўлига ўтди. Осим ибн Собит ибн Аби Афлаҳ отган ўқ уни ҳам ер тишлатди. Ундан сўнг байроқни унинг укаси Килоб ибн Талҳа ибн Аби Талҳа қўлга олди, Зубайр ибн Аввом у билан олишиб, охири уни қатл қилди. Ундан сўнг байроқ уларнинг яна бир инилари Жулос ибн Талҳа ибн Аби Талҳанинг қўлига қолди, у Талҳа ибн Убайдуллоҳнинг найзаси зарбидан жон берди. Баъзилар уни Осим ибн Собит Ибн Аби Афлаҳ камон ўқи отиб ўлдирган, ҳам дейишади.
Бу олти нафар жангчининг ҳаммаси битта хонадондан, Абу Талҳа Абдуллоҳ ибн Усмон ибн Абдуддор хонаданидан эди. Уларнинг барчаси мушрикларнинг байроғи остида ўдирилди.
Улардан сўнг байроқни Бану Абдуддор қавмининг бошқа бир вакили Артот ибн Шураҳбил қўлга олди, уни Алий ибн Аби Толиб ўлдирди, Ҳамза ибн Абдулмутталиб ўлдирганлиги ҳам айтилади. Сўнг байроқни Шурайҳ ибн Қориз қўлга олди, уни Қузмон – ўзи мусулмон бўлмаган, балки ҳамият қилиб мусулмонлар сафида урушга чиққан мунофиқ – ўлдирди. Ундан сўнг байроқни Абу Зайд Амр ибн Абдуманоф ал-Абдарий қўлга олди, уни ҳам Қузмон ўлдирди. Ундан сўнг уни Шураҳбил ибн Ҳошим ал-Абдарийнинг бир ўғли қўлга олди, уни ҳам Қузмон ўлдирди.
Бу ўнта байроқдор Бану Абдуддор қавмидан бўлиб, битта ҳам қолмай ҳаммаси ҳалок бўлди. Шундан сўнг ушбу қавмдан ҳеч ким қолмагач, байроқни уларнинг Суоб номли бир ҳабаш хизматкорлари қўлга олди. У ўзидан олдин ўлдирилган байроқдор хожаларидан ҳам ўтказиб шижоат ва сабот билан урушди, қилич зарбидан қўллари узилиб кетгач, чўккалаганича байроқни бўйни билан қисиб, то ўлгунича ана шу ҳолда тик тутиб турди. Охирги дамларида ҳалок бўлар экан: «Эй тангрим, мен маъзур бўлдимми?», деганича йиқилди.
Мана шу ҳабаш бола ўлдирилгандан сўнг байроқ ерга қулади. Уни кўтаргани одам топилмай, шу кўйи оёқ остида қолиб кетди.
Урушнинг бошқа нуқталаридаги аҳвол
Жангнинг бутун оғирлиги байроқ атрофида кечиб турган пайтда майдоннинг бошқа нуқталарида ҳам жанг кучайгандан кучайиб борарди. Мусулмонларнинг сафлари узра иймон руҳи ҳукм сурар, улар мушриклар устига тўғонларни бузиб бораётган тошқин дарё каби шиддат билан бостириб борарканлар: «ўлдир, ўлдир!» деб такрорлашар, бу сўз уларнинг Уҳуд кунги шиорлари бўлганди.
Абу Дужона бошига қизил боғичини боғлаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан олган қиличини маҳкам тутганича, унинг ҳаққини адо этиш мақсадида жангга шўнғиб кетганди. У дуч келганки мушрикни қўймай ўлдирар, мушрикларнинг сафларини ағдар-тўнтар қилиб юрарди.
Зубайр ибн Аввом айтади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қилични менга беришларини сўраганимда бермасдан уни Абу Дужонага берганларида хафа бўлган ва ичимда: «Мен у зотнинг аммалари Софиянинг ўғли бўлсам, ўзим Қурайшдан бўлсам-у, қилични сўраб олдиларига борсам, менга бермадилар-да, мендан кейин сўраб борган шу одамга бердилар. Қани, кўрамиз, нима ҳунарлар кўрсатаркин», деган эдим. Шундан сўнг уни кузата бошладим. У бир қизил пешонабандни олиб, уни пешонасига танғиб олганида ансорлар: «Абу Дужона ўлим боғичини бошига боғлади», дейишди. Шундан сўнг у қуйидаги шеърни ўқиганича жангга шўнғиб кетди:
Дарада аҳд бердим халилимга ман
Тоабад олдинги сафда туришга.
Аллоҳу расулин қиличи билан
Душманга аёвсиз зарба уришга.
Шундан сўнг у дуч келган мушрикни қўймай ўлдира бошлади. Мушриклар ичида бир киши бизнинг жароҳатланган бирон кишимизни қўймай, саранжомлаб қўяётган эди. Абу Дужона билан ўша одам бир-бирига яқин келиб қолишди. Мен Аллоҳдан у иккисини бир-бирига учраштириб қўйишини сўраб дуо қилдим. Иккаласи тўқнашиб, бир-бирига бир-икки зарба уришга ҳаракат қилишди. Мушрик Абу Дужонага қилич урган эди, у қалқони билан тўсди. Шунда қалқон унинг қиличини тишлаб қолди. Абу Дужона фурсатдан фойдаланиб, бир зарб билан мушрикни ер тишлатди[9].
Сўнг Абу Дужона яна сафлар оралаб, учраганни қиличдан ўтказиб бора туриб, аёл кишилигини билмаган ҳолда Қурайш аёлларининг етакчисига дуч келиб қолди. Абу Дужонанинг ўзи ҳикоя қилади: «Бир одамни кўрдимки, ҳаммани қаттиқ туриб жангга чорлаб юрибди. Шаҳд билан ёнига бориб, боши узра қиличимни кўтарган эдим, бирдан чинқириб юборди. Қарасам, аёл киши экан. Шунда аёл кишини ўлдириш билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қиличлари ҳурматини кетказишни истамадим».
Ўша аёл Ҳинд бинт Утба эди. Зубайр ибн Аввом айтади: «Мен Абу Дужонанинг Ҳинд бинт Утбанинг боши узра қилич кўтарганини, кейин уни қайтариб олганини кўриб: «Аллоҳ ва Расули билувчироқ», дедим»[10].
Ҳамза ибн Абдулмутталиб ҳам ғазабланган шердек ҳамла қиларди. У мисли кўрилмаган хавф-хатарлар остида мушриклар қўшинининг қоқ ўртасига кириб борар, не-не паҳлавонлар унинг зарбаларидан шамол силкитган дарахт барглари мисол тўкилиб қолаётган эди. У мушриклар байроқдорларининг ҳалок этилишида фаол иштирок этиши билан бир қаторда уларнинг бошқа паҳлавонларининг ҳам роса адабини берди. Пировардида урушнинг олдинги қаторида эканида ҳалок этилди, юзма-юз олишувда бирон баҳодир жангчи тарафидан эмас, балки билдирмасдан берилган хиёнаткорона зарба оқибатида ерга қулади.
Аллоҳнинг шери Ҳамза ибн Абдулмутталибнинг ўлдирилиши
Ҳамзанинг қотили Ваҳший ибн Ҳарб ҳикоя қилади: «Мен Жубайр ибн Мутъимнинг қули эдим. Унинг амакиси Туайма ибн Адий Бадр куни ҳалок бўлганди. Қурайш Уҳудга йўл олаётганида Жубайр менга: «Амакимнинг қасосига Муҳаммаднинг амакиси Ҳамзани ўлдирсанг, озодсан», деди. Шундан сўнг мен ҳам одамлар орасида жангга бордим. Ҳабаш бўлганим учун ҳар бир ҳабаш каби найза отишни яхши ўзлаштирган ва нишонни уришда камдан-кам хато қилар эдим. Жанг бошлангач, менинг ишим фақат Ҳамзани кузатиш ва қулай фурсат кутиш бўлди. Мен уни одамлар ичида худди нортуядек савлат тўкиб юрганини, ҳамма унинг олдидан тумтарақай қочиб, ҳеч ким унга бас келолмаётганини кўриб турдим. Худо ҳаққи, мен уни ўлдириш учун фурсат пойлаб, бирон дарахт ё тош ортига беркиниб турар ва яқинроқ келишини кутардим. Тўсатдан менга яқин бир жойда Сибоъ ибн Абдул-уззо пайдо бўлди. Ҳамза уни кўргач: «Бери кел, эй хатначи хотиннинг боласи!», деб қичқирди – унинг онаси аёлларни хатна қиларди – ва бир зарб билан калласини учириб юборди.
Худди шу пайт найзамни ўқталиб, уни нишонга ола бошладим ва қулай фурсат келиши билан унга қараб отдим, найза унинг қорнидан пастроғидан кириб, оёқлари орасидан чиқди. У мен томонга қараб интилди, бироқ жароҳати бунга йўл бермади. Мен уни ўлгунича кутиб турдим-да, сўнг бориб, найзамни суғуриб олдим. Кейин лашкаргоҳга қайтиб бориб, ўша ерда ўтирдим. Чунки, энди менинг бошқа ишим қолмаган эди, мен уни фақат озод бўлиш учун ўлдирган эдим. Дарҳақиқат, Маккага қайтгач, озод этилдим»[11].
Устунликни тўла қўлга киритиш
Аллоҳ ва расулининг шери Ҳамза ибн Абдулмутталибнинг ўлдирилиши билан мусулмонлар улкан йўқотишга дучор бўлишларига қарамай, жангда тўла устунликни ўз қўлларида сақлаб қолдилар. Шу куни Абу Бакр, Умар ибн Хаттоб, Алий ибн Аби Толиб, Зубайр ибн Аввом, Мусъаб ибн Умайр, Талҳа ибн Убайдуллоҳ, Абдуллоҳ ибн Жаҳш, Саъд ибн Муоз, Саъд ибн Убода, Саъд ибн Рабиъ, Анас ибн Назр ва бошқаларнинг жангда кўрсатган афсонавий қаҳрамонликлари мушрикларнинг қатъиятларини синдириб, билак кучларини заифлаштириб юборди.
Аёл қучоғидан қиличлару қалқонлар бағрига
Ўша кунги тенгсиз баҳодирлардан яна бири Ҳанзала ал-Ғасил[12], яъни Ҳанзала ибн Аби Омир бўлиб, у – бироз юқорироқда баён қилиб ўтганимиз – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фосиқ деб атаган Абу Омир роҳибнинг ўғли эди. Ҳанзала янги уйланган ва эндигина чимилдиққа кирган бўлиб, жарчининг урушга чорловчи овозини эшитган заҳоти келинчакнинг оғушидан суғурилиб, тўппа-тўғри жиҳодга жўнаб кетганди. Жанг майдонида мушриклар билан тўқнашгач, сафларни ёриб ўтиб, тўппа-тўғри мушрикларнинг бош қўмондони Абу Суфён ибн Ҳарб қаршисига етиб борди ва уни ўлдиришига бир баҳя қолганида шаҳидликка эришди. У Абу Суфёнга ҳамла қилиб, ундан устун келиб турган пайтида Абу Суфёнга ёрдамга етиб келган Шаддод ибн Авс томонидан қатл этилди.
Камончилар гуруҳининг жангга қўшган ҳиссалари
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тоғ устига жойлаштирган камончилар гуруҳи ҳам уруш чамбараги мусулмон қўшин фойдасига айланишига жуда катта ҳисса қўшди. Маккаликларнинг Холид ибн Валид бошчилигидаги отлиқ аскарлари Абу Омир Фосиқ (бошчилигидаги гуруҳ) кўмагида исломий лашкарнинг чап қанотини ёриб киришга уриниб, уч бора ҳужум уюштирдилар. Улар бу билан мусулмонларнинг орқа томонидан бостириб келиб, сафлари ичида парокандалик пайдо қилишни ва шу билан уларни қақшатқич мағлубиятга дучор қилишни кўзлаган эдилар. Лекин, камончилар улар устига ўқ ёғдириб, учала ҳужумларини ҳам бартараф этишга муваффақ бўлдилар[13].
Мушрикларга мағлубият келади
Урушнинг даҳшатли тегирмон тоши ана шу тариқа айланиб, кичиккина исломий қўшин майдоннинг барча нуқтасида тўла устунликни ўз қўлида сақлаб турди. Бу ҳолат мушрикларнинг энг баҳодир жангчиларини ҳам саросимага тушириб қўйди, уларнинг сафлари ўнгу-сўлидан, олдию-орқасидан тумтарақай бўлиб сочилиб кета бошлади. Гўё уч мингта мушрик бир неча юз эмас, балки ўттиз мингта мусулмонга тўқнашгандек эди. Мусулмонлар жасорат ва иймоннинг энг ёрқин кўринишларини намоён этдилар.
Қурайш мусулмонларнинг ҳужумини қайтариш учун бор имкониятини сарфлагач, ўзининг бунга ожиз ва кучсизлигини тан олди ва ғайрат-шижоати батамом сўнди. Ҳатто, Суоб ўлдирилганидан сўнг ерга қулаган байроққа яқинлашишга, уни баланд кўтариб жангчиларнинг бошини бир жойга қовуштиришга журъат қилувчи одам топилмади. Оқибатда қўшин чекинишга ва қочишга тушди. Қасос ва интиқом олиш, мусулмонларни янчиб ташлаб, ўз иззат ва шарафларини қайтариб олиш ҳақидаги чақириқлар барчаси унутилди.
Ибн Исҳоқ айтади: Сўнг Аллоҳ таоло мусулмонларга Ўз нусратини нозил қилди, уларга берган ваъдаси устидан чиқди, улар душманларини қиличдан ўтказдилар ва уларни жанггоҳдан суриб чиқардилар, мушрикларнинг мағлубияти ҳақида шак-шубҳа қолмади.
Абдуллоҳ ибн Зубайр отаси Зубайр ибн Аввомдан ривоят қилади: «Аллоҳга қасамки, мен Ҳинд бинт Утба ва дугоналарининг ҳеч нарсага қарамай, жон ҳолатда қочишларини, этакларини кўтариб олишганидан болдирлари очилиб қолганини кўриб турардим»[14].
«Саҳиҳул Бухорий»да Бароъ ибн Озибнинг ҳадисида келади: «Душман билан тўқнаш келганимизда улар қочишди, ҳатто мен аёлларнинг жон ҳолатда тоққа чиқиб боришларини кўрдим, улар болдирларини очиб олишган, халхоллари (оёқларидаги тақинчоқлари) кўриниб турарди»[15]. Мусулмонлар мушриклар ортидан қувиб, уларни қиличдан ўтказишар ва ўлжаларни қўлга киритишарди.
Камончиларнинг қўпол хатоси
Камсонли исломий қўшин Маккаликлар устидан иккинчи бор, гўзалликда Бадрдаги ғалабадан асло қолишмайдиган улкан ғалабага эришиб турганларида камончилар гуруҳининг кўпчилик аъзолари томонидан содир бўлган жуда қўпол хато вазиятни бутунлай ўзгартириб юбориб, мусулмонларга қақшатқич талафот келтирди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қатл қилинишларига бир баҳя қолишига сабаб бўлди ва мусулмонларнинг Бадрдан сўнг эришган обрў ва ҳайбатларига жуда катта салбий таъсир кўрсатди.
Юқорида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу камончиларга қилган, хоҳ ғалаба, хоҳ мағлубият бўлсин, ҳар қандай ҳолатда ҳам тоғдаги ўринларидан қимирламаслик ҳақидаги қатъий буйруқлари матнини келтириб ўтгандик. Лекин, шу қадар қаттиқ буйруқлар бўлишига қарамай, камончилар мусулмонларнинг душманни қувиб, ўлжаларни қўлга киритишаётганини кўргач, дунё муҳаббати ғолиб келиб, бир-бирларига: «Ўлжа, ўлжа! Биродарларимиз ғолиб бўлишди! Биз нега қараб турибмиз?!», деб хитоб қилишди.
Аммо бошлиқлари Абдуллоҳ ибн Жубайр уларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқларини эслатиб: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сизларга айтган гапларини унутдингизми?!», деди.
Лекин, уларнинг мутлақ кўпчилиги бу огоҳлантиришларга парво қилмасдан: «Худо ҳаққи, биз ҳам тезроқ бориб, ўлжага эришайлик!», дейишиб[16], қирқ чоғли ё ундан ҳам ошиқроқ киши тоғдаги ўринларини тарк қилишиб, ўлжага шерик бўлиш иштиёқида пастга қараб шошилишди. Оқибатда мусулмонларнинг орқа тарафи ҳимоясиз қолиб, фақат Абдуллоҳ ибн Жубайр билан бирга саккиз-тўққиз жангчигина то изн бўлгунича ёки ҳалок бўлгунларича ўз ўринларида мустаҳкам туравериш аҳди билан қолдилар.
Холид ибн Валид ислом лашкарини қуршаб олиш режасини амалга оширади
Холид ибн Валид олтинга тенг бу фурсатни ғанимат билиб, ислом қўшинининг орқа тарафидан айланиб ўтиш мақсадида ўз отлиқлари билан ўқдек учиб, камончилар тоғига ҳужум уюштирди. Абдуллоҳ ибн Жубайр ва унинг ёнида қолган саноқли жангчини бир зумда тинчитиб, орқа томондан мусулмонлар устига бостириб келди. Унинг отлиқларининг ҳайқириғидан мушриклар ҳолат янгича тус олганини билишиб, чекиниб бораётган жойларидан ортларига қайтиб, мусулмонлар устига ёпирилишди. Мушриклардан Амра бинт Алқама ал-Ҳорисия исмли бир аёл шошиб келиб, ерда ётган байроқларини баланд кўтарди, шундан сўнг мушриклар байроқ атрофида жипслашиб, бир-бирларини чорлай бошладилар. Бир жойга жам бўлишгач, мусулмонларга қарши жангга ташландилар. Шундай қилиб, мусулмонлар олди тарафдан ҳам, орқадан ҳам қуршов ичида қолиб, жуда қийин аҳволга тушиб қолдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуршовда ўзларини мардонавор тутишлари
Ўша пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тўққиз кишилик кичик бир гуруҳ[17] билан мусулмонларнинг орқаларидан[18] уларнинг шиддатли жангларини ва мушрикларни таъқиб қилишларини кузатиб турардилар. Шу ҳолда Холиднинг отлиқлари тўсатдан бостириб келиб қолишди. У зотнинг олдиларида икки йўлдан бири қолганди: ё ўз жонларини сақлаб қолиш учун ёнларидаги тўққиз нафар саҳобалари ҳамроҳлигида зудлик билан хавфсиз жойга чекинишлари ва қуршовда қолган қўшинни тақдир ҳукмига ҳавола қилишлари, ё эса ўз жонларини хатарга қўйиб, асҳобларини ўз атрофларига чорлашлари ва улардан кучли бир жабҳа (фронт) ташкил қилиб, улар воситасида душман қуршовини ёриб, қуршовда қолган қўшиннинг Уҳуд тоғи тепаларига чиқиб олиши учун йўл очиб беришлари керак эди.
Шу ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тенгсиз иқтидорлари ва мислсиз шижоатлари намоён бўлди. У зот асҳобларни ўз ёнларига чорлаб, бор овозлари билан: «Ҳой Аллоҳнинг бандалари, менинг ёнимга!», деб нидо қилдилар. Овозлари мусулмонлардан олдинроқ мушриклар қулоғига етиб боришини била туриб, ана шундай оғир вазиятда ўз жонларини хатарга қўйиб, асҳобларини чорладилар.
Дарҳақиқат, мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг овозларини эшитиб, мусулмонлардан олдин у киши томон интилдилар.
Мусулмонларнинг тумтарақай бўлиб кетишлари
Мусулмонлар қуршовга тушиб қолишгач, улардан бир тоифаси ўзларини бутунлай йўқотиб қўйдилар. Кўзларига ўз жонларидан бошқа нарса кўринмай қолиб, орқада нима гап бўлаётганидан бехабар, жанг майдонини ташлаб, қочишга тушдилар. Улардан баъзилари қочиб бориб, ҳатто Мадинагача етиб бордилар. Айримлари эса тоғ чўққиларига чиқиб кетишди.
Иккинчи бир тоифа эса мушрикларга аралашиб кетиб, тўс-тўполонда ким дўст, ким душманлиги билинмай қолиб, мусулмонлар ичида бир-бирини ўлдириб қўйиш ҳоллари ҳам содир бўлди. Бухорий Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилади: «Уҳуд куни мушриклар очиқ мағлуб бўлиб туришган пайт Иблис: «Эй Аллоҳнинг бандалари, орқангизга эҳтиёт бўлинг!», деб қичқирди. Шунда олдинги қатордагилар орқага қайтишиб, орқадагилар билан тўқнашиб кетишди. Ҳузайфанинг кўзи бирдан отаси Ямонга тушди ва: «Эй Аллоҳнинг бандалари, отам, отам!» деб қичқирди. Бироқ, улар ўзларини тўхтатиб қололмадилар ва унинг отасини ўлдириб қўйишди. Шунда Ҳузайфа: «Сизларни Аллоҳнинг ўзи кечирсин», деди». Урва айтади: «Ҳузайфада то дунёдан ўтгунича ҳам яхшилик сақланиб қолди»[19].
Ушбу тоифа ичида қаттиқ саросима пайдо бўлиб, кўпчилик гангиб қолганидан нима қилишини ва қайси томонга қараб ҳаракатланишини билмай қолди. Бунинг устига шу пайт: «Муҳаммад ўлдирилди!», деган қичқириқ эшитилиб, бу уларнинг қолган-қутган эс-ҳушларини ҳам учириб юборди. Кўпчилигининг руҳияти бутунлай тушиб кетди. Баъзилари жангдан тўхтаб, таслим бўлиш учун қуролларини ташладилар, айримлар эса мунофиқлар бошлиғи Абдуллоҳ ибн Убай билан боғланиб, уларга Абу Суфёндан омонлик олиб беришни сўраш фикрига тушишди. Шу ҳолда турганларида улар олдидан Анас ибн Назр ўтиб қолди ва: «Нимага қараб турибсизлар?», деб сўради. Улар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўлдирилганмишлар», дейишди. «Ундай бўлса, у зотдан кейин яшаб нима қиласизлар?! Туринглар, сизлар ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўлган иш устида ўлинглар!», деди у, сўнг: «Эй Парвардигор! Мен мана булар – яъни мусулмонлар – қилган ишдан Сендан узр сўрайман, ана улар – яъни мушриклар – қилган ишдан поклигимни Сенга эълон қиламан», деди. Шундай деб олға интилди. Йўлида Саъд ибн Муоз дуч келиб: «Қаерга эй Абу Умар?», деб сўраган эди: «Оҳ, оҳ, жаннатнинг ҳидини топяпман эй Саъд, у Уҳуд томондан келмоқда», деди. Сўнг жангга шўнғиб кетди ва то ўлгунича уришди. Жангдан сўнг унинг жасадини таний олмадилар, фақат синглиси унинг бармоғидан таниб олди. Баданида саксондан ортиқ найза, қилич ва камон ўқидан қолган жароҳатлар бор эди[20].
Собит ибн Даҳдоҳ қавмига қараб: «Эй ансорлар жамоаси, агар Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўлдирилган бўлсалар, Аллоҳ тирик, У ўлмайди! Сизлар динингиз йўлида жанг қилинглар, Аллоҳнинг Ўзи сизларга зафар ва нусрат ато этади!», деб хитоб қилди. Шунда бир қанча ансорлар унинг ёнига тўпланишиб, биргаликда Холиднинг отлиқларига қарши жангга киришди, унинг ўзи Холиднинг найзасидан ҳалок бўлди, бошқа шериклари ҳам ўлдирилдилар[21].
Муҳожирлардан бир киши қонга беланган бир ансорийнинг ёнидан ўтиб қолди ва: «Эй фалончи, билдингми, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўлдирилган эмишлар?», деди. Шунда ансорий : «Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўлдирилган бўлсалар, рисолат омонатини етказиб қўйганлар. Сизлар динингиз йўлида жанг қилинглар!», деб жавоб берди[22].
Мана шундай руҳлантирувчи ва далда берувчи сўзу ишлар сабабли мусулмон аскарларига маънавий-руҳий куч-қувват қайтиб келди, улар саросимадан қутулиб, эс-ҳушларини йиғиб олдилар. Таслим бўлиш ёки мунофиқ Ибн Убайга қўшилиш фикридан қайтдилар ва қуролларини қўлга олиб, бошқарув қароргоҳи томонга йўл очиш мақсадида мушрикларга қарши ҳужум бошлаб юбордилар. Бу орада уларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўлдирилганлари ҳақидаги хабарнинг ёлғонлиги ҳам маълум бўлиб, бу уларнинг кучига куч қўшиб юборди. Натижада, оғир ва шиддатли жанглардан сўнг қуршовни ёриб чиқишга ва мустаҳкам марказ атрофида жамланишга муваффақ бўлдилар.
Майдонда учинчи бир тоифа ҳам бор эдики, уларнинг бутун фикру зикрлари фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламда бўлди. Бу тоифа қуршовнинг бошиданоқ жон жаҳдлари билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнларига қараб интилдилар. Уларнинг бошида Абу Бакр Сиддиқ, Умар ибн Хаттоб, Алий ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳум ва бошқалар бор эди. Улар жангнинг олдинги қаторларида эдилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан хавф-хатарни ҳис қилишлари биланоқ у зотнинг ҳимояларига етиб келдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам атрофларида жангнинг шиддатли тус олиши
Мазкур тоифалар қуршов машаққатларини бошдан кечирар ва мушрикларнинг тегирмони гирдобида айланар экан, жанг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам атрофларида қизигандан қизиб борарди. Юқорида айтганимиздек, мушриклар қуршовни бошлаган пайтларида у зотнинг ёнларида тўққиз нафар саҳобадан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Мусулмонларга қарата: «Менинг ёнимга келинглар, мен Расулуллоҳман!» деб хитоб қилганларида мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг овозларини эшитиб, у зотни танишди ва устларига ёпирилиб кела бошлашди, мусулмонлардан олдин ёнларига етиб бориш мақсадида жон-жаҳдлари билан у зот томонга ташланишди. Шунда ўша тўққиз нафар саҳобий билан мушриклар ўртасида шиддатли жанг бўлиб ўтди ва унда муҳаббат, фидокорлик, жасорат ва қаҳрамонликнинг ғоят нодир кўринишлари намоён бўлди.
Имом Муслим Анас ибн Моликдан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Уҳуд куни етти ансор ва икки муҳожир билан ёлғиз қолгандилар. Мушриклар ёпирилиб келишгач: «Жаннат эвазига – ёки жаннатда менинг ҳамроҳим бўлиши эвазига – ким уларни биздан даф қилади?!», дедилар. Шунда ансорлардан бири олдинга ўтиб, то ўлгунича жанг қилди. Кейин яна ёпирилиб кела бошлашгач, яна: «Жаннат эвазига – ёки жаннатда менинг ҳамроҳим бўлиши эвазига – ким уларни биздан даф қилади?!», дедилар. Ансорлардан яна бири олдинга чиқиб, то ўлгунича жанг қилди. Ана шу тарзда бирин-кетин еттовлари ўлдирилдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки – муҳожир – саҳобаларига: «Асҳобларимизга инсоф қилмадик», дедилар»[23].
Мазкур етти ансорийнинг охиргиси Амора ибн Язид ибн ас-Сакан эди, у қаттиқ жанг қилди ва оғир жароҳат олиб йиқилди[24].
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётларидаги энг оғир дамлар
Ибн ас-Сакан йиқилганидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки нафар муҳожир саҳоба билан ёлғиз қолдилар. «Саҳиҳайн»да Абу Усмондан ривоят қилинишича: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларида жанг қилаётган кунларининг бирида Талҳа ибн Убайдуллоҳ ва Саъд (ибн Аби Ваққос)дан бошқа ҳеч ким қолмаган эди»[25]. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётларидаги энг оғир дамлар эди. Мушриклар учун эса бу дамлар олтинга тенг фурсат бўлиб, улар бу фурсатни қўлдан чиқармаслик учун қаттиқ уринишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни йўқ қилиш мақсадида ҳужумларини асосан у зотга қаратишди. Утба ибн Ваққос отган тош у зотнинг юзларига тегиб, пастки ўнг курак (яъни олдинги тишлар билан озиқ тиш ўртасидаги) тишлари синиб, пастки лаблари ёрилди. Абдуллоҳ ибн Шиҳоб аз-Зуҳрий яқинларига келиб, пешоналарига жароҳат етказди. Абдуллоҳ ибн Қамиъа номли ғаддор бир отлиқ келиб, у зотнинг елкаларига шундай зарб билан қилич солдики, унинг зарбидан бир ойдан кўпроқ елкалари оғриб юрди, бироқ бу зарба у зотнинг икки қават совутларини йиртиб ўтишга қодир бўлмади. Кейин ўша ғаддорнинг иккинчи бор туширган ўшандай қаттиқ зарбаси у зотнинг чаккаларига тегиб, дубулғаларининг ҳалқаларидан иккита ҳалқа юзларини ёриб, ичига кириб қолди. У малъун зарба урар экан: «Мана сенга, мен Ибн Қамиъаман», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юзларидан қонни артарканлар: «Сени Аллоҳ хор қилсин», дедилар[26].
«Саҳиҳ»да ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тишлари синдирилди, бошлари ёрилди. Шунда юзларидан қонни артарканлар: «Уларни Аллоҳга даъват қилаётган пайғамбарларининг юзини ёрган ва тишларини синдирган қавм қандай нажот топсин?!», дердилар. Шундан сўнг Аллоҳ азза ва жалла оят нозил қилдики: «(Эй Муҳаммад), Сиз учун бу ишда (яъни бандаларга нажот бериш ёки уларни ҳалок қилиш ишида) ҳеч бир нарса (яъни инон-ихтиёр) йўқдир. (Аллоҳнинг Ўзи) ё уларнинг тавбаларини қабул қилар ёки золимликлари сабабли азоблар» (Оли Имрон: 128).[27]
Табароний ривоятида: У зот ўша куни: «Пайғамбарининг юзини қонга белаган қавмга Аллоҳнинг ғазаби қаттиқ бўлди», дедилар. Сўнга бироз муддат тургач: «Эй Парвардигор, қавмимни кечиргайсан, улар билмайдилар», дедилар[28].
«Саҳиҳ Муслим»да ривоят қилинишича: «Эй Роббим, қавмимни мағфират қилгин, улар билмайдилар», дедилар[29].
Қози Иёзнинг «Аш-Шифо»сида: «Эй Парвардигор, қавмимни ҳидоят қилгин, улар билмайдилар», деганлари ривоят қилинган[30].
Шубҳасиз, мушрикларнинг асосий мақсадлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўлдириш бўлган эди. Бироқ, иккала муҳожир - Саъд ибн Аби Ваққос билан Талҳа ибн Убайдуллоҳ ажойиб қаҳрамонликлар кўрсатиб, мислсиз жасорат билан жанг қилишди ва икки кишигина бўлишларига қарамай, мушрикларга ўз мақсадларига эришишларига йўл қўймадилар. Чунки, ҳар иккаласи арабларнинг энг моҳир камончиларидан бўлиб, тинимсиз ўқлари билан мушрикларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан суриб ташлашга муваффақ бўлишди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Саъд ибн Аби Ваққосга ўқдонларини қоқиб туриб: «Отинг, ота-онам сизга фидо бўлсин!», дедилар, бу эса унинг нақадар юксак жасорат ва лаёқат эгаси бўлганига далолат қилади. Чунки, у зот Саъддан бошқа биронтасига ота-оналарини биргаликда фидо қилмаганлар[31].
Талҳа ибн Убайдуллоҳ ҳақида гапирадиган бўлсак, мушрикларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам атрофларига ёпирилиб келишлари воқеасини имом Насоий Жобир розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилади: Мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнларига етиб қолишганида у зот: «Ким уларга қарши тура олади?» дедилар. Шунда Талҳа: «Мен», деди. (Сўнг Жобир ансорларнинг олдинга чиқишлари ва бирин-кетин шаҳид бўлишларини имом Муслим ривоятидан биз айтиб ўтганимиздек ҳикоя қилгач, сўзида шундай давом этди: ) Сўнг Талҳа олдинга чиқиб, бир ўзи ўн бир кишидек олишди, қўлига қилич тегиб, бармоқларини узиб юборганида: «Ҳасс» (яъни, «иҳ» ёки «аҳ») деган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар «Бисмиллаҳ» деганингда эди, фаришталар одамлар кўз ўнгида сени баланд кўтаришган бўларди», дедилар. Шундан сўнг Аллоҳ мушрикларни ортга чекинтирди[32].
Ҳокимнинг «Иклил»ида ривоят қилинишича, Талҳа Уҳуд куни ўттиз тўққизта ёки ўттиз бешта жароҳат олган, кўрсаткич ва ўрта бармоғи фалаж бўлиб, ишламай қолган экан[33].
«Саҳиҳул Бухорий»да Қайс ибн Абу Ҳозим ривоят қилади: «Мен Талҳанинг шол бўлиб қолган қўлини кўрдим, Уҳуд куни у шу қўли билан Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳимоя қилган эди»[34].
Термизий ва Ибн Можа ривоят қилган ҳадисда айтилишча, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўша куни у ҳақида: «Ким ер юзида юрган (яъни тирик) шаҳидни кўришни истаса, Талҳа ибн Убайдуллоҳга қарасин», деганлар[35].
Абу Довуд Таёлисий Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилади: «Абу Бакр Уҳуд кунини эсласа: «У куннинг ҳаммаси Талҳанинг куни бўлганди», дердилар[36].
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу у ҳақда яна шундай дерди:
Убайдуллоҳ ўғли Талҳа, сенга жаннат мунтазир,
Хизматингга ҳури ғилмон, нозу неъмат мунтазир[37].
Ана шундай таранг вазият ва оғир дамда Аллоҳ таоло ғойибона нусратини туширди. «Саҳиҳайн»да ривоят қилинган ҳадисда Саъд айтади: «Уҳуд куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрдим, ёнларида оппоқ кийимли икки киши у зотни ҳимоя қилиб қаттиқ жанг қиларди, мен уларни аввал ҳам кўрмаганман, кейин ҳам кўрмадим». Бир ривоятда: «Улар Жибрил ва Микоил эдилар»[38].
Саҳобаларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам атрофларига йиғила бошлашлари
Бу воқеаларнинг ҳаммаси бир неча дақиқа ичида, жуда катта тезликда бўлиб ўтди. Ваҳоланки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдинги қаторларда жанг қилаётган сара саҳобалари ҳолатнинг ўзгарганини кўришлари биланоқ ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг овозларини эшитишлари биланоқ у зотга бирон кўнгилсизлик етишини олдини олиш учун тезлик билан ўша тарафга шошилдилар. Бироқ, улар етиб келишганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга аллақачон жароҳатлар етган, олтита саҳобалари ўлдирилиб, еттинчиси жароҳатланган, Саъд ва Талҳа шиддатли жанг олиб боришаётганди. Улар етиб келишгач, у зотнинг атрофларида жонли девор ҳосил қилиб, ўраб олишди ва у кишини душман зарбаларидан қаттиқ ҳимоя қилишди. Биринчи бўлиб ёнларига садоқатли дўстлари Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу етиб келди.
Ибн Ҳиббон «Саҳиҳ»ида Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилади: Абу Бакр Сиддиқ деди: «Уҳуд куни ҳамма Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан узоқлашиб кетган эди. Биринчи бўлиб ёнларига мен етиб келдим. Қарасам, олдиларида бир киши у зотни ҳимоя қилиб жанг қилаётган экан. «Илоҳим, Талҳа бўлсин-да, ота-онам унга фидо бўлсин, илоҳим, Талҳа бўлсин-да, ота-онам унга фидо бўлсин», дердим. (Чунки, бу иш ўзимга насиб қилмагани учун у одамнинг менинг қавмимдан бирон киши бўлиб чиқишини истардим.) Зум ўтмай орқамдан Абу Убайда ибн Жарроҳ етиб келди, у ўқдек учиб келаётганди. Иккаламиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қараб отилдик. Қарасак, Талҳа у кишининг олдиларида йиқилиб ётибди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Биродарингизга қарашинглар, дарҳақиқат у (жаннатни ўзига) вожиб қилди», дедилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам юзларидан жароҳатланиб, дубулғаларининг иккита ҳалқаси юзларининг ичига кириб қолган экан. Мен уларни суғуриб олмоқчи бўлган эдим, Абу Убайда: «Аллоҳ ҳаққи, эй Абу Бакр, шу ишни менга қўйиб беринг», деди. Сўнг ҳалқани тишлари орасига олиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга озор бермаслик учун қимирлатиб-қимирлатиб суғуриб олди, бироқ ўзининг олди тиши тушиб кетди. Кейин мен иккинчи ҳалқани суғуриб олмоқчи бўлсам, у яна: «Аллоҳ ҳаққи, эй Абу Бакр, шу ишни менга қўйиб беринг», деди. Сўнг уни яна тишлари билан тортиб суғуриб олди, шунда иккинчи тиши ҳам тушиб кетди. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Биродарингизга қарашинглар, у (ўзига жаннатни) вожиб қилди», дедилар. Шундан сўнг биз Талҳага юзланиб, уни муолажа қилишга киришдик. Унга ўндан ортиқ зарба етган экан[39]. «Таҳзибу тарихи димашқ» асарида (7/78) айтилади: «Сўнг биз уни ўша чуқурлардан бирига олиб бордик. Қарасак, унинг баданида найза, камон ўқи, қилич зарбаси аралаш олтмиш нечта ҳам жароҳат бор экан, битта бармоғи кесилиб кетибди. Биз унинг ҳолини яхшилашга ҳаракат қилдик».
Бу орада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг атрофларига бир гуруҳ баҳодир мусулмонлар келиб йиғилишди. Улар ичида Абу Дужона, Мусъаб ибн Умайр, Алий ибн Аби Толиб,[40] Саҳл ибн Ҳаниф, Молик ибн Синон (Абу Саид ал-Худрийнинг отаси), Умму Аммора Нусайба бинт Каъб ал-Мозиния, Қатода ибн Нуъмон, Умар ибн Хаттоб, Ҳотиб ибн Аби Балтаъа ва Абу Талҳалар бор эди.
Мушриклар сиқувининг кучайиши
Мушрикларнинг сони дақиқа сайин кўпайиб боргани учун, табиийки уларнинг мусулмонлар устига ҳамлалари кучайиб, сиқувлари ҳам ортиб борди. Шу орада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Омир Фосиқ тарафидан тайёрлаб қўйилган бир чуқурга йиқилиб, тиззалари шилиниб кетди. Алий у кишининг қўлларидан тутиб, тортиб чиқарди, Талҳа ибн Убайдуллоҳ қучоқлаб, ўринларидан туришларига ёрдам берди.
Нофеъ ибн Жубайр айтади: Мен муҳожирлардан бир кишининг шундай деганини эшитганман: «Уҳудда иштирок этганман. Шунда кўрганманки, камон ўқлари ҳар тарафдан келар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўртада турар, ўқлар у кишидан четлаб ўтарди. Ўша куни Абдуллоҳ ибн Шиҳоб аз-Зуҳрийни кўрдимки: «Менга Муҳаммадни кўрсатинглар, у қутулса мен қутулмаганим бўлсин» (яъни, ё у ўлади, ё мен), дер, ваҳоланки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ёнгинасида ёлғиз тургандилар. У у зотнинг ёнгиналаридан ўтиб кетди. Кейин Сафвон бу ҳақда уни маломат қилганида: «Худо ҳаққи, мен уни кўрмадим. Аллоҳга қасам ичиб айтаманки, у биздан ҳимояланган. Биз тўрт киши уни ўлдиришга аҳдлашиб чиққан эдик, бироқ бунга муваффақ бўлмадик», деди[41].
Ноёб қаҳрамонлик намуналари
Шу куни мусулмонлар тарихда мисли кўрилмаган ноёб қаҳрамонлик ва ажойиб фидокорлик намуналарини кўрсатишди. Абу Талҳа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларида тирик девор бўлиб туриб олган, у кишини душман ўқларидан сақлаш учун кўксини қалқон қилган эди.
Анас розияллоҳу анҳу айтади: «Уҳуд куни одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнларидан узоқлашиб кетишган, ёлғиз Абу Талҳа у кишининг ёнларида туриб, қалқони билан тўсиб турарди. У билаги бақувват камончи эди, ўша куни у иккита ё учта камон синдирди. Ўқдонида ўқи бор бирон киши ўтиб кетаётган бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ўқларингни Абу Талҳага бер», дердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам душман томонга бўйин чўзиб қарасалар, Абу Талҳа: «Ота-онам сизга фидо бўлсин, қараманг, улар отган ўқлардан биронтаси тегиб кетмасин, кўксим сизга қалқон бўлсин», дерди»[42].
Анас розияллоҳу анҳудан яна ривоят қилинади: «Абу Талҳа билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам битта қалқон билан ҳимояланишар, Абу Талҳа уста мерган бўлиб, у ўқ отганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бўйинларини чўзиб, унинг ўқи етиб борган жойга қарардилар»[43].
Абу Дужона ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳимоя қилиб, келаётган ўқларга орқасини тутиб, тошдек қотиб турарди.
Ҳотиб ибн Аби Балтаа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак тишларини синдирган Утба ибн Аби Ваққоснинг ортидан бориб, қиличи билан калласини сапчадек узиб ташлади, сўнг унинг оти билан қиличини олиб кетди. Саъд ибн Аби Ваққос укаси Утбани ўзи ўлдиришга қасд қилганди, бироқ бу иш унга эмас, Ҳотибга насиб этди.
Саҳл ибн Ҳунайф ҳам баҳодир камончилардан бири бўлиб, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ўлимга байъатлашган эди. У ҳам мушрикларни даф қилишда фаол иштирок этди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бевосита ўзлари ҳам камон отардилар. Қатода ибн Нўъмондан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам камондан ўқ отдилар, ҳатто камон эгилган жойидан синиб кетди». Кейин ўша камонни у асраб қўйган ва кейинчалик ҳам унда қолганди. Ўша куни Қатоданинг кўзига жароҳат етган ва кўзи оқиб, юзига тушиб қолган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни ўз қўллари билан жойига қайтариб қўйдилар, шундан сўнг у тузалиб, аввалгидан ҳам яхшироқ бўлиб кетди.
Абдурраҳмон ибн Авф ҳам катта жасорат билан жанг қилди, оғзига жароҳат етиб, тишлари тўкилиб тушди, йигирмадан ортиқ жойидан жароҳатланди, оёғи шикастланиб, оқсоқ бўлиб қолди.
Абу Саид ал-Худрийнинг отаси Молик ибн Синон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юзларидаги қонни сўриб тозалаб қўйди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Қонни тупуриб ташланг», деган эдилар, у: «Йўқ, ҳаргиз тупуриб ташламайман», деди, сўнг яна жангга киришиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким жаннат аҳлидан бўлган одамни кўришни истаса, шунга қарасин», дедилар. Молик шу куни шаҳид бўлди.
Умму Амора ҳам жанг қила туриб, бир тўп мусулмонлар ичида Ибн Қамиъага тўқнаш келди. Ибн Қамиъанинг қилич билан берган зарбаси унинг елкасида чуқур жароҳат қолдирди. У ҳам қиличи билан Ибн Қамиъага бир неча зарбалар берди, лекин у устидаги икки қават совути туфайли қутулиб қолди. Умму Амора шу куни ўн икки жойидан жароҳатланди.
Мусъаб ибн Умайр ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни Ибн Қамиъа ва шерикларидан ҳимоя қилиб, шиддат билан урушди. Байроқ унинг қўлида эди, уларнинг қилич зарбаларидан ўнг қўли узилиб тушди. Шунда у байроқни чап қўлига олиб, душман қаршисида матонат билан туришда давом этди. Чап қўлини ҳам чопиб ташлашгач, то ўлгунича чўккалаб, байроқни бўйни билан қисиб, тик тутиб турди. Уни Ибн Қамиъа ўлдирди ва кўринишидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ўхшаб кетгани учун уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам деган гумонда мушриклар ёнига қайтиб: «Муҳаммад ўлдирилди!», деб ҳайқирди[44].
Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўлдирилганликлари ҳақида хабар тарқалиши ва бунинг жангга кўрсатган таъсири
Бир неча дақиқа ичида бу хабар мушриклар ичида ҳам, мусулмонлар ичида ҳам тарқалиб улгурди. Бу эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга бўлмаган ва қуршовда қолган кўпчилик саҳобаларнинг жанговор азму қарорлари сусайиб кетишига ва маънавий руҳиятлари емирилишига сабаб бўлди. Ҳатто уларнинг сафлари ичида қаттиқ парокандалик ва тартибсизликлар пайдо бўлди. Иккинчи томондан, ушбу хабар мушрикларнинг шиддатли ҳужумлари бироз сусайишига ҳам сабаб бўлди. Чунки, баъзилари ўзларини асосий мақсадларига эришган ҳисоблаб, жангни тўхтатиб, мусулмонларнинг ўликларини мусла (қулоқ, бурун каби аъзосини кесиш) қилишга киришиб кетишди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жангни давом эттириб, аҳволни ўнглашга муваффақ бўладилар
Мусъаб шаҳид қилингач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам байроқни Алий ибн Аби Толибга топширдилар. Шиддатли жанг давом этди ва шу ерда бўлган бошқа саҳобалар ҳам етук қаҳрамонлик ва жасорат намуналарини кўрсатишди.
Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам душман сафларини ёриб ўтиб, қуршовда қолган лашкарга қўшилишга муваффақ бўлдилар. Биринчи бўлиб, у кишини Каъб ибн Молик таниди ва бор овози билан: «Эй мусулмонлар! Хушхабар! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тирик эканлар!», деб қичқирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мушрикларга у кишининг турган ўринлари маълум бўлиб қолмаслиги учун Каъбга: «Жим бўл» деб ишора қилдилар. Бироқ, Каъбнинг овози мусулмонларнинг қулоқларига етиб борди ва эшитганки одам у зотнинг ёнларига қараб интилиб, атрофларида ўттиз чоғли саҳоба жамланишди.
Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳужум қилаётган мушриклар сафини ёриб ўтиб, тоғ даралари сари тартибли равишда чекина бошладилар. Мушриклар чекинишни барбод қилиш мақсадида ҳужумни яна ҳам кучайтиришди. Бироқ, мусулмон баҳодирларнинг матонати олдида бунга муваффақ бўлишолмади.
Мушрикларнинг отлиқ аскарларидан бири – Усмон ибн Абдуллоҳ ибн Муғийра «Қани Муҳаммад?! У қутулса мен қутулмаганим бўлсин!» (яъни, у тирик қолса, менинг ўлганим яхши), деганча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига яқинлашиб кела бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у билан тўқнашиш учун ўринларидан қўзғолдилар, бироқ унинг оти бир чуқурга қоқилиб кетди, шунда Ҳорис ибн Симма у билан олишиб, оёғига уриб, ўтиргизиб қўйди, сўнг уни саранжомлаб, қуролини олиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга келиб қўшилди.
Макка суворийларидан Абдуллоҳ ибн Жобир деган яна бириси Ҳорис ибн Симмага ҳамла қилиб, қиличи билан елкасига уриб, ярадор қилди, уни мусулмонлар кўтариб олдилар. Шунда қизил пешонабанд соҳиби, ботир жангчи Абу Дужона Абдуллоҳ ибн Жобирга ҳамла қилиб, қиличи билан калласини сапчадек узиб ташлади.
Мана шундай шиддатли жанг асносида Аллоҳ тарафидан мўминларга ором уйқуси тушиб, Қуръонда айтилгани каби уларни мудроқ ола бошлади. Абу Талҳа айтади: «Уҳуд куни мудроқ олган кишилар ичида мен ҳам бор эдим, ҳатто қиличим бир неча марта қўлимдан тушиб кетди. Мен уни олардим, у яна тушиб кетарди, яна олардим»[45].
Ушбу гуруҳ мана шундай матонат билан, тартибли равишда чекиниб, тоғ дараларига етиб олди ва қўшиннинг қолган қисмига ҳам мана шу бехавотир жойга етиб олишлари учун йўл очиб берди, шу билан улар ҳам келиб қўшилишга муваффақ бўлишди. Шундай қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳарбий маҳоратлари олдида Холиднинг маҳорати енгилди.
Убай ибн Халафнинг ўлдирилиши
Ибн Исҳоқ айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дарага етиб келган ҳам эдиларки, орқаларидан: «Қани Муҳаммад?! У қутулса мен қутулмаганим бўлсин!», деб бақирганича Убай ибн Халаф етиб келди. Мусулмонлар: «Ё Расулуллоҳ, биронтамиз унга қарши жангга чиқайликми?», деб сўрашган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қўяверинглар, келаверсин», дедилар. У яқин келгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳорис ибн Симманинг найзасини қўлга олдилар-да, шаҳд билан қўзғолиб унга пешвоз чиқдилар ва совути билан дубулғаси ўртасида очилиб турган ўмровига кўзлари тушиб, найзани ўша ерига шундай урдиларки, унинг зарбидан Убай отидан қулаб, бир неча марта юмалаб кетди. У томоғидаги унча катта бўлмаган жароҳатидан қон сизиб турган ҳолида Қурайш олдига қайтиб бориб: «Худо ҳаққи, мени Муҳаммад ўлдирди», деди. Улар: «Қўй-е, юрагинг чиқиб кетибди, Худо ҳаққи, жароҳатинг оғир эмас», дейишди. Шунда у: «У менга Маккада: «Мен сени ўлдираман», деб айтган эди[46], Аллоҳга қасамки, агар юзимга тупурса, тупуги ҳам мени ўлдирган бўларди», деди. Шундан сўнг бу Аллоҳнинг душмани Маккага қайтишаётганида йўлда, Сариф деган жойда ўлди. Абул Асваднинг Урвадан ривоят қилишича, шунингдек, Саид ибн Мусайяб отасидан қилган ривоятда айтилишича, Убай ҳўкиздек бўкирар ва: «Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, агар менинг бошимга тушган нарса Зул-Мажоз аҳли бошига тушса эди, ҳаммаси ўлиб кетган бўларди», дерди[47].
Талҳа Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни йўлаб юборади
Тоққа чекинаётганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларидан катта бир харсанг чиқиб қолиб, унга чиқмоқчи бўлиб ҳаракат қилдилар, бироқ ёшлари бироз улғайгани, боз устига икки қават совут кийиб олганлари туфайли чиқолмадилар. Қолаверса, олган жароҳатлари туфайли анча ҳолдан тойган ҳам эдилар. Шунда Талҳа ибн Убайдуллоҳ елкасини у зотга тутиб, тош устига чиқиб олишларига ёрдамлашиб юборди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Талҳа (жаннатни) вожиб қилди», дедилар[48].
Мушриклар уюштирган охирги ҳужум
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тоғ дарасидаги бошқарув қароргоҳларига ўрнашиб олганларидан кейин мушриклар мусулмонлар устига сўнгги бор ҳужум уюштирдилар. Ибн Исҳоқ айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дарада эканларида Абу Суфён ва Холид ибн Валид бошлиқ бир қанча мушриклар тоққа кўтарила бошладилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Парвардигор! Уларга биздан устун келиш лойиқ бўлмайди», дедилар. Шундан сўнг Умар ибн Хаттоб бир гуруҳ муҳожирлар ҳамроҳлигида жанг олиб бориб, уларни тоғдан тушириб юбордилар[49].
«Мағозий ал-Умавий»да айтилишича, мушриклар тоғ устига чиқиб келишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Саъдга: «Уларни қайтаринг!», дедилар. «Бир ўзим қандай қилиб қайтараман?», деди у. У зот яна шу гапларини қайтардилар. Учинчи марта айтганларидан сўнг Саъд ўқдонидан ўқ олиб, мушриклардан бирини отиб ўлдирди. Саъд айтади: «Сўнг ҳалиги ўқни олиб, таниб олдим-да, бошқасига отиб, уни ҳам ўлдирдим. Кейин яна биттасини шу ўқ билан ўлдирдим. Шундан сўнг улар пастга тушиб кетишди. Шундан сўнг: «Бу муборак ўқ» деб, уни ўқдонимга солиб қўйдим». Саъд ўша ўқни то вафот этиб кетгунича ёнида сақлади, сўнг болаларида қолди[50].
Шаҳидларни таҳқирлаш
Ушбу ҳужум мушрикларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарши олиб борган энг сўнгги ҳужумлари бўлди. Шундан сўнг улар у кишини ўлдирилган бўлса керак, деган гумонда қароргоҳларига қайтиб, Маккага қайтиб кетишга тайёргарлик кўра бошладилар. Баъзилари – шунингдек, аёллари ҳам – шаҳид бўлган мусулмонларни мусла қилишга – қулоқларини, бурунларини ва жинсий аъзоларини кесишга, қоринларини ёришга тушишди. Ҳинд бинт Утба Ҳамзанинг жигарини суғуриб олиб, чайнай бошлади, кейин ютишга қурби келмай, тупуриб ташлади. Шунингдек, у кесилган қулоқ ва бурунлардан шодалар ясаб, бўйин ва оёқларига тақиб олди[51].
Баҳодир мусулмонларнинг урушнинг сўнгги лаҳзаларигача жангга ҳозир туришлари
Охирги дамларда паҳлавон мусулмон жангчиларининг жангга ва Аллоҳ йўлида ўзларини фидо қилишга нақадар тайёр эканларини кўрсатиб берадиган иккита воқеа содир бўлди:
1) Каъб ибн Молик айтади: «Мусулмонлар сафида Уҳудда иштирок этдим. Мушрикларнинг ўлган мусулмонларни мусла қилишаётганини кўриб турардим. Қарасам, мушриклардан бири мусулмонлар ичида: «Сўйилган қўйлардек уюлиб кетгурлар», деганча қурол-яроғларини йиғиштириб юрган экан. Шунда қуролланган бир мусулмоннинг ўша мушрикни пойлаб турганини кўриб, ўша томонга қараб юрдим ва орқаларидан иккаласини кузата бошладим. Кофир кўринишидан ҳам, қурол жиҳатидан ҳам мусулмондан устунроқ эди. Иккаласи юзлашгач, мусулмон кофирга қилич солиб, то думбасигача кесиб ташлади ва у иккига бўлиниб кетди. Сўнг мусулмон юзини очиб: «Бопладимми эй Каъб, мен Абу Дужонаман», деди»[52].
2) Жанг ниҳоялангач, бир гуруҳ мўмина аёллар жанг майдонига келишди. Анас розияллоҳу анҳу айтади: «Мен Оиша бинт Абу Бакр ва Умму Сулайм иккаласини енг шимариб, елкаларида сув солинган мешларни кўтариб, мусулмонларга сув ичириб, бўшаган мешларни яна тўлдириб келиб, яна мусулмонларга сув бериб юрганларини кўрдим»[53]. Умар розияллоҳу анҳу айтади: «Ансор аёлларидан бўлган Умму Салит Уҳуд куни бизга мешда сув ташиган эди»[54].
Ўшандай қаҳрамон аёллар ичида Умму Айман ҳам бор эди. У айрим мусулмонларнинг чекиниб, Мадинагача кириб боришганини кўргач, улар юзига тупроқ сочиб: «Мана бу урчуқни олгин-да, қиличингни бу ёққа бер», деб, жанг майдонига қараб ошиқди. Етиб келгач, ярадорларга сув бера бошлади. Ҳиббон ибн Арақа унга қараб камондан ўқ узган эди, унинг ўқидан Умму Айман ерга йиқилиб, баданининг баъзи жойлари кўриниб қолди. Шунда бу Аллоҳнинг душмани қотиб кула бошлади. Бу нарса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга оғир ботди ва учсиз бир камон ўқини Саъд ибн Аби Ваққосга узатиб: «Шу ўқни унга отинг!», деб буюрдилар. Саъд ўқни отган эди, у Ҳиббоннинг томоғига қадалиб қолди ва у гурсиллаганича ерга қулаб, ҳамма ёғи очилиб кетди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кулдилар, ҳатто озиқ тишлари кўринди. Сўнг: «Саъд унинг ўчини олди, Аллоҳ дуоларини қабул қилсин», дедилар[55].
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дарага етиб олганларидан сўнг
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дарадаги қароргоҳларига ўрнашганларидан кейин Алий ибн Аби Толиб бориб, қалқонида Миҳрос (харсангни ўйиб қилинган ҳовуз ёки Уҳуддаги қудуқ)дан сув келтириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга тутди. Сув ҳидланиб қолган экан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни ёқтирмасдан ичмадилар. «Пайғамбарининг юзини қонга белаган кимсага Аллоҳнинг ғазаби жуда қаттиқ бўлади», деганларича юзларидаги қонни ювдилар, бошларидан сув қуйдилар.
Саҳл айтади: «Аллоҳга қасамки, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жароҳатини ким ювганини, ким сув қуйиб турганини, нима билан даво қилинганини яхши биламан. Қизлари Фотима жароҳатни ювди, Алий ибн Аби Толиб қалқонида сув қуйиб турди. Сув қон келишини тўхтатиш ўрнига, уни баттар кучайтираётганини кўрган Фотима бир бўлак бўйрани куйдириб жароҳатга босди ва шу билан қон тўхтади»[56].
Муҳаммад ибн Маслама тоза ва ширин сув келтирган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан ичдилар ва Муҳаммад ибн Масламанинг ҳаққига дуо қилдилар[57].
Жароҳатлари таъсирида пешин намозини ўтириб ўқидилар, мусулмонлар ҳам у кишининг орқаларида ўтириб ўқидилар[58].
Абу Суфённинг жангдан сўнг айтган сўзлари ва унинг Умар билан сўзлашуви
Мушриклар йўлга чиқишга тахт бўлганларидан кейин Абу Суфён тоғ устига чиқиб: «Орангизда Муҳаммад борми?», деб қичқирди. Унга жавоб бермадилар. «Орангизда Ибн Аби Қуҳофа (Абу Бакр) борми?», деб қичқирди. Яна жавоб бермадилар. «Орангизда Умар ибн Хаттоб борми?», деб қичқирди. Яна жавоб бермадилар. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга жавоб қайтаришга ижозат бермаган эдилар. Абу Суфённинг ўзи ҳам, қавми ҳам шу уч кишини Исломнинг асоси ва тиргаги деб билганларидан у фақат шу кишилар ҳақидагина сўради. Мусулмонлар тарафидан жавоб бўлмагач, қавмига қараб: «Улардан қутулибсизлар!», деб қичқирди. Шунда Умар чидай олмай: «Эй Аллоҳнинг душмани! Сен айтган одамларнинг барчаси ҳаёт, Аллоҳ сени хафа қиладиган ишни сақлаб қолди», деб хитоб қилди. Абу Суфён: «Сизларнинг одамларингизни мусла қилишибди, мен бунга буюрганим йўқ, бироқ бундан хафа ҳам бўлмадим», деди.
Кейин: «Яшасин Ҳубал!», деб қичқирди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Унга жавоб бермайсизларми?!», дедилар. «Нима деб жавоб берайлик?», деб сўрашганди: «Аллоҳ олийроқ ва буюкроқдир», денглар», дедилар.
Кейин Абу Суфён: «Бизлар учун Уззо бор, сизларнинг Уззонгиз йўқ», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна: «Унга жавоб бермайсизларми?!», дедилар. «Нима деб жавоб берайлик?», деб сўрашганди: «Аллоҳ бизнинг хожамиздир, сизларнинг хожангиз йўқ», денглар», дедилар.
Шундан сўнг Абу Суфён: «Бугунги жанг Бадрга жавоб бўлди, уруш дурангдир, (бир сафар сизлар ғолиб бўлган бўлсангиз, бир сафар биз ғолиб бўлдик)», деди.
Умар: «Йўқ, баробар бўлмади! Бизлардан ўлганлар жаннатда, сизлардан ўлганлар дўзахдадир», деб жавоб берди.
Абу Суфён: «Эй Умар, яқинроқ кел», деган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Борингчи, нима демоқчи экан», дедилар. Умар яқин борган эди, Абу Суфён: «Худо ҳаққи, тўғрисини айт эй Умар, биз Муҳаммадни ўлдирдикми, йўқми?», деб сўради. Умар: «Йўқ, Аллоҳ шоҳид, ҳозир у киши сенинг сўзларингни эшитиб турибдилар», деди. Шунда Абу Суфён: «Сен менинг наздимда (Муҳамад ўлдирилди деб гап тарқатган) Ибн Қамиъадан ростгўйроқ ва яхшироқсан», деди[59].
Бадрда учрашишга ваъдалашув
Ибн Исҳоқ айтади: Абу Суфён қўшини билан йўлга чиқиш олдидан: «Сизлар билан келгуси йил Бадрда учрашамиз!», деб қичқирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларидан бирига: «Келишдик, ўша ерда учрашамиз», деб айтинг» деб буюрдилар[60].
Мушрикларнинг ҳаракат йўналишига ишонч ҳосил қилиш
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Алий ибн Аби Толибни мушриклар ортидан юбордилар, унга: «Уларнинг ортидан боринг, нима қилишаяпти, нима қилишмоқчи, ўрганинг. Агар отларини етаклаб, туяларга миниб олишган бўлса, демак, Маккага йўл олишган бўлади. Агар туяларини ҳайдаб, отларга минишган бўлса, Мадинани кўзлаган бўлишади. Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, агар Мадинани қасд қилган бўлишса, мен Мадинага бориб, улар билан жангга кираман», дедилар. Алий айтади: «Қавмнинг изидан бордим. Кўрдимки, улар отларини етаклаб, туяларига миниб, Маккага қараб йўл олишди»[61].
Ўлган ва яраланганларни сўраб-суриштириш
Қурайш кетганидан сўнг одамлар ўлган ва яраланганларни аниқлашга киришдилар. Зайд ибн Собит айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Уҳуд куни мени Саъд ибн Рабиъни қидириб топиш учун юбордилар ва: «Уни кўрсанг, мендан салом айтгин ҳамда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аҳволингиз қандай, деб сўраяптилар», дегин», дедилар. Мен ўликлар ичида айланиб юриб, уни сўнгги нафасларини олаётган ҳолда топдим. Унинг баданида найза, қилич ва камон ўқларидан қолган етмишдан ортиқ жароҳат бор эди. Мен унга: «Эй Саъд, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сизга салом йўлладилар ва аҳволингиз қандайлиги билан қизиқдилар», дедим. У: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга салом айтинг ва у зотга етказингки, мен жаннатнинг ҳидини топаяпман. Қавмдошларим ансорларга шу сўзларимни етказингки, агар сизлар ҳаёт бўла туриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга душман қўли етгудек бўлса, Аллоҳ ҳузурида сизлар учун бирон узр йўқдир», деди, сўнг шу оннинг ўзида жон таслим қилди»[62].
Ярадорлар ичида Усайрим – Амр ибн Собит – ҳам бўлиб, у ҳам сўнгги нафасларини олаётган эди. Шу пайтгача унга исломни қабул қилишни таклиф қилсалар, кўнмай келарди. Уни кўришиб: «Бу Усайрим-ку, нима мақсадда чиққан экан? Биз уни қўйиб келган эдик, у бу ишни ёқтирмас эди», дейишди. Кейин унинг ўзидан: «Сен нима мақсадда чиққан эдинг? Қавмингнинг ёнини олибми ё Исломга рағбат қилибми?», деб сўрадилар. У: «Йўқ, Исломга рағбат қилиб чиқдим, Аллоҳ ва Расулига иймон келтирдим, сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга жанг қилиб, мана кўриб турганингиз ҳолга тушдим», деб жавоб берди ва ўша заҳоти жон берди. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтиб беришган эди, у зот: «У жаннат аҳлидан», дедилар. Абу Ҳурайра айтади: «У Аллоҳ учун ҳали бирон марта ҳам намоз ўқимаган эди»[63].
Қузмонни ҳам ярадорлар ичидан топишди. У паҳлавонларча жанг қилиб, бир ўзи етти ё саккиз мушрикни ўлдирган эди. Оғир жароҳатдан силласи қуриб қолган Қузмонни Бану Зафарнинг ҳовлисига кўтариб келишди ва унга яхшилик билан хушхабар беришди. Шунда у: «Мен фақат қавмимнинг обрўси учун жанг қилдим, агар шуни ўйламасам, урушга кирмаган бўлардим», деди. Кейин жароҳати кучайиб кетгач, оғриғига чидай олмай у ўзини ўлдирди. Шунгача ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қачон у ҳақда гапирилса: «У дўзах аҳлидан», деб қўяётган эдилар. Ҳа, ватанпарварлик қилиб ёки Аллоҳнинг калимасини олий қилишдан бошқа ҳар қандай мақсад йўлида жангга кирган кишиларнинг оқибати – гарчи улар Ислом байроғи остида ва ҳатто пайғамбар ва саҳобалар билан бирга жангга кирган бўлсалар ҳам – ана шундай ачинарли бўлади.
Бунинг акси ўлароқ, ўликлар ичида Бану Саълабадан бўлган бир яҳудий ҳам бор эди. У қавмига: «Эй яҳудлар жамоаси, Муҳаммадга ёрдам кўрсатиш зиммамиздаги бурч эканини яхши биласизлар», деганида улар: «Бугун шанба куни, (яъни, биз шанба куни жанг қилмаймиз)», деб жавоб беришганди. Шунда у: «Сизлар учун шанба деган нарса йўқ», деди. Сўнг қиличини ва жангга керакли бошқа нарсаларини олиб: «Агар ҳалок бўлсам, мол-мулким Муҳаммаднинг ихтиёрида, у ўзи истаганидек тасарруф қилсин», деди, сўнг эрталабдан жангга кириб, то ўлгунича жанг қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у ҳақда: «Мухайриқ яҳудларнинг энг яхшисидир», дедилар[64].
Шаҳидларнинг дафн қилиниши
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шаҳидлар устида туриб: «Мен булар устида гувоҳманки, кимда-ким Аллоҳ йўлида жароҳатланса, Аллоҳ уни қиёмат куни жароҳатидан қон томиб турган ҳолида тирилтиради, қонининг ранги қон рангида, ҳиди эса мушк ҳидида бўлади», дедилар[65].
Айрим саҳобалар ўзларига қарашли ўликларни Мадинага олиб кетишган экан, уларни қайтариб олиб келиб, шаҳид бўлган жойларига дафн қилишни, шаҳидларни ювмасдан, темир совут ва теридан қилинган жанговор либосларини ечиб олгач, устиларидаги кийимлари билан дафн қилишни буюрдилар. Икки кишини биттадан кафанга ўрадилар, битта қабрга иккита ва учтадан шаҳидни дафн қилдилар. Қабрга қўйишда: «Қайси бирлари Қуръонни кўпроқ ёд биларди?», деб сўраб, қай бирини кўрсатилса, ўшани биринчи қўйдилар, «Мен қиёмат куни буларга гувоҳман», дедилар[66].
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ҳаром билан Амр ибн Жамуҳ иккаласини ўрталарида бўлган ўзаро меҳр-муҳаббат туфайли битта қабрга қўйдилар[67].
Ўликлар ичида Ҳанзаланинг жасади кўринмади, уни қидириб, бир четда, баданидан сув томиб турган ҳолда топдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг жасадини малоикалар ювганини айтдилар. Сўнг: «Оиласидан сўрангларчи, нега шундай бўлди экан?», дедилар. Аёлидан сўралганда (Ҳанзала унинг, яъни янги келичакнинг оғушида эканида жарчининг жангга чорловини эшитиб, шошилиб, ғусл қилмасданоқ чиқиб кетганини) айтиб берди. Шундан Ҳанзаланинг номи «Ғасилул-малоика» (фаришталар томонидан ювилган) деб аталди[68].
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам амакилари ва эмикдош акалари бўлган Ҳамзанинг жасадига қилинган ваҳшийликни кўриб, қаттиқ изтироб чекдилар. Аммалари Софийя иниси Ҳамзани кўраман деб келганида унинг аҳволига кўзи тушиб қийналмасин, деган ниятда ўғли Зубайрга онасини у ердан олиб кетишни буюрдилар. Бироқ, Софийя: «Нега энди? Эшитишимча, укамнинг жасадини мусла[69] қилишибди. Аллоҳ йўлида бўлган экан, биз бундан албатта рози бўламиз. Мен Аллоҳдан ажр истаб, иншоаллоҳ, албатта сабр қиламан», деди, сўнг инисини бориб кўрди, истиржоъ[70] айтиб, унга дуо ва истиғфорлар айтди. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳамзани Абдуллоҳ ибн Жаҳш билан бирга дафн қилишга буюрдилар, у Ҳамзанинг опасининг ўғли ва эмикдош иниси эди.
Абдуллоҳ ибн Масъуд айтади: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни Ҳамза ибн Абдулмутталибга йиғлаганларидан кўра қаттиқроқ йиғлаганларини ҳечам кўрмаганмиз. Уни қибла томонга қўйдилар, сўнг жанозаларида турдилар ва овоз чиқариб, ҳўнг-ҳўнг йиғладилар[71].
Шаҳидларнинг аҳволи одамнинг юрак-бағрини эзиб юборадиган қайғули бир кўринишда эди. Хаббоб айтади: «Ҳамза учун битта йўл-йўл бурда (чопон)дан бошқа кафанлик топилмади. Бошини ўрасалар, оёқлари очилиб қолар, оёқларини ўрасалар боши очилиб қоларди. Уни бош томонига тортиб, оёқларини изхир (ўсимлиги) билан ўрадилар»[72].
Абдурраҳмон ибн Авф айтади: «Мусъаб ибн Умайр ўлдирилди, у мендан кўра яхшироқ одам эди, битта бурдага кафанланди, бошини ўралса оёқлари очилиб қоларди, оёқларини ўралса боши очилиб қоларди»[73]. Хаббобдан ҳам худди шундай ривоят қилинган. Унда айтилишича: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга: «У билан бошини ўранглар, оёқларига эса изхир тўшанглар», дедилар»[74].
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Парвардигорга ҳамду сано айтиб, дуо қилганлари
Имом Аҳмад ривоят қилади: Уҳуд куни мушриклар жўнаб кетишганидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сафларингизни текислангиз, мен Раббим азза ва жаллага ҳамду сано ўқимоқчиман», дедилар. Ҳаммалари у зотнинг орқаларида саф тортиб туришгач, қуйидаги дуоларни ўқидилар:
اللَّهُمَّ لَكَ الْحَمْدُ كُلُّهُ اللَّهُمَّ لَا قَابِضَ لِمَا بَسَطْتَ وَلا بَاسِطَ لِمَا قَبَضْتَ وَلا هَادِيَ لِمَا أَضْلَلْتَ وَلا مُضِلَّ لِمَنْ هَدَيْتَ ولا مُعْطِيَ لِمَا مَنَعْتَ وَلَا مَانِعَ لِمَا أَعْطَيْتَ وَلا مُقَرِّبَ لِمَا بَاعَدْتَ وَلَا مُبَاعِدَ لِمَا قَرَّبْتَ اللَّهُمَّ ابْسُطْ عَلَيْنَا مِنْ بَرَكَاتِكَ وَرَحْمَتِكَ وَفَضْلِكَ وَرِزْقِكَ
اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْأَلُكَ النَّعِيمَ الْمُقِيمَ الَّذِي لَا يَحُولُ وَلَا يَزُولُ اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْأَلُكَ النَّعِيمَ يَوْمَ الْعَيْلَةِ وَالْأَمْنَ يَوْمَ الْخَوْفِ اللَّهُمَّ إِنِّي عَائِذٌ بِكَ مِنْ شَرِّ مَا أَعْطَيْتَنَا وَشَرِّ مَا مَنَعْتَ اللَّهُمَّ حَبِّبْ إِلَيْنَا الْإِيمَانَ وَزَيِّنْهُ فِي قُلُوبِنَا وَكَرِّهْ إِلَيْنَا الْكُفْرَ وَالْفُسُوقَ وَالْعِصْيَانَ وَاجْعَلْنَا مِنْ الرَّاشِدِينَ اللَّهُمَّ تَوَفَّنَا مُسْلِمِينَ وَأَحْيِنَا مُسْلِمِينَ وَأَلْحِقْنَا بِالصَّالِحِينَ غَيْرَ خَزَايَا وَلَا مَفْتُونِينَ اللَّهُمَّ قَاتِلْ الْكَفَرَةَ الَّذِينَ يُكَذِّبُونَ رُسُلَكَ وَيَصُدُّونَ عَنْ سَبِيلِكَ وَاجْعَلْ عَلَيْهِمْ رِجْزَكَ وَعَذَابَكَ اللَّهُمَّ قَاتِلْ الْكَفَرَةَ الَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ إِلَهَ الْحَقِّ
«Эй Аллоҳим, барча мақтовлар фақат Сенгагина хосдир. Эй Аллоҳим, сен мўл-кўл қилган нарсани камайтира олувчи ва Сен камайтирган нарсани кўпайтира олувчи йўқ. Сен адаштирган кимсани ҳидоят қила олувчи ва Сен ҳидоят қилган кишини адаштира олувчи йўқ. Сен бермаган нарсани берувчи ва Сен ато этган нарсани тўхтатиб қолувчи йўқ. Сен узоқлаштирган нарсани яқинлаштирувчи ва Сен яқинлаштирган нарсани узоқлаштира олувчи йўқ. Эй Аллоҳим, бизларга Ўз баракотинг, раҳматинг, фазлинг ва ризқингни кенг-мўл қилгин.
Эй Аллоҳим, мен Сендан битмас туганмас неъмат сўрайман. Эй Аллоҳим, мен Сендан оғир кунда ёрдам, хавф-хатарли кунда омонлик-хотиржамлик сўрайман. Эй Аллоҳим, мен Сендан бизга ато этган нарсаларинг ёмонлигидан ҳам, бермаган нарсаларингнинг ёмонлигидан ҳам паноҳ сўрайман. Эй Аллоҳим, бизларга иймонни суюкли қилгин ва уни қалбларимизда зийнатли қилиб қўйгин. Бизларга куфрни, фосиқлик ва осийликни ёмон кўрсатгин. Бизларни тўғри йўлга йўлланганлардан қилгин. Эй Аллоҳим, бизларни мусулмон ҳолимизда, шарманда бўлмаган ва фитналанмаган ҳолимизда вафот эттириб, мусулмон ҳолимизда тирилтиргин ва солиҳ бандаларинг қаторига қўшгин. Эй Аллоҳим, пайғамбарларингни ёлғончи қиладиган ва Сенинг йўлингдан тўсадиган кофирларни ҳалок қилгин. Уларга Ўз азоб-уқубатингни юборгин. Эй Аллоҳим, аҳли китоблардан бўлган кофирларни Ўзинг ҳалок қилгин, эй барҳақ Илоҳим!»[75].
Мадинага қайтишлари
Муҳаббат ва фидокорликнинг ноёб намуналари
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шаҳидларни дафн қилишдан ҳамда Аллоҳга ҳамду санолар айтиш ва дуою илтижолар қилишдан фориғ бўлганларидан сўнг Мадинага қараб йўл олдилар. Жанг асносида у зотга нисбатан мўминлар тарафидан қандай муҳаббат ва фидокорлик намуналари зоҳир бўлган бўлса, йўл асносида содиқ мўмина аёллар тарафидан ҳам худди шундай ноёб фидокорлик ва муҳаббат кўринишлари зоҳир бўлди.
Йўлда Ҳамна бинт Жаҳшга дуч келдилар. Унга акаси Абдуллоҳ ибн Жаҳшнинг шаҳид бўлгани хабарини етказишди. У истиржоъ айтиб, акаси ҳаққига истиғфор айтди. Сўнг тоғаси Ҳамза ибн Абдулмутталибнинг шаҳид бўлганини айтишди. Унга ҳам истиржоъ ва истиғфор айтди. Кейин эри Мусъаб ибн Умайрнинг шаҳид бўлгани хабари айтилди. Шунда у фарёд кўтариб, йиғлаб юборди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аёл кишининг қалбида эри алоҳида ўрин тутади», деб қўйдилар[76].
Бану Динор қабиласидан бўлган бир аёлнинг ёнидан ўтдилар, унинг эри, акаси ва отаси Уҳудда шаҳид бўлган эди. Уларнинг хабари айтилганда у: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам нима бўлдил?», деб сўради. «Аллоҳга шукур, эй умму фулон, у зот сиз хоҳлагандек соғ-саломатлар», деб жавоб берилди. «Кўрсатинглар, мен у зотни ўз кўзим билан кўрай», деди. У зотга кўзи тушгач: «Сиз саломат экансиз, бас, бошқа ҳар қандай мусибат биз учун енгил», деди[77].
Саъд ибн Муознинг онаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонга қараб югуриб кела бошлади. Саъд у зотнинг отлари тизгинидан тутиб келаётган эди, «Ё Расулуллоҳ, онам», деди. «Хуш келибди», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, сўнг у учун тўхтадилар. Етиб келгач, ўғли Амр ибн Муознинг шаҳидлиги муносабати билан таъзия билдирдилар. У: «Сизни саломат кўрдим, бас, мусибатим анча енгиллади», деди. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Уҳудда шаҳид бўлганларнинг оилалари ҳаққига дуо қилдилар ва: «Эй Умму Саъд, хурсанд бўлинг ва шаҳидларнинг оилаларига хушхабар бериб айтингки, уларнинг шаҳидлари ҳаммаси жаннатда йиғилдилар ва ҳаммалари ўз аҳли оилаларига шафоатчи қилиндилар», дедилар. Умму Саъд: «Мингдан-минг розимиз ё Расулуллоҳ, мана шундай хушхабардан кейин энди уларга ким ҳам йиғларди?!», деди, сўнг: «Ё Расулуллоҳ, уларнинг орқасида қолганлар ҳаққига дуо қилинг», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Аллоҳим, уларнинг дилларидаги ғам-ғуссани кетказгин, мусибатларига малҳам қўйгин, (шаҳидларнинг) орқаларида қолган аҳли-авлодларини Ўзинг чиройли тарбият қилгин», деб дуо қилдилар[78].
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага кириб келадилар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шу куни – 3 - ҳижрий шаввол ойининг еттинчиси, шанба куни – кечки пайт Мадинага етиб келдилар. Уйларига келгач, қиличларини қизлари Фотимага узатиб: «Бунинг қонини ювиб ташла эй қизим, Аллоҳга қасамки, у бугун менга содиқ хизмат қилди», дедилар. Алий ибн Аби Толиб ҳам қиличини узатиб: «Мана бунинг ҳам қонини ювгин, Аллоҳга қасамки, бу ҳам бугун менга садоқат кўрсатди», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Агар сиз садоқат билан жанг қилган бўлсангиз, сиз билан бирга Саҳл ибн Ҳунайф ва Абу Дужоналар ҳам садоқат билан жанг қилишди», дедилар.
Ҳар икки томондан ўлганлар сони
Кўпчилик ровийлар иттифоқига кўра, мусулмонлардан ўлганлар 70 киши бўлиб, мутлақ кўпчилиги ансорлардан эди. Улардан 65 киши – қирқ биттаси Хазраждан, йигирма тўрттаси Авсдан – шаҳид бўлди. Яҳудлардан бир киши ҳалок бўлди. Муҳожирлардан фақат тўрт киши шаҳид бўлди.
Ибн Исҳоқнинг айтишича, мушриклардан 22 киши ўлдирилган. Бироқ, ушбу жангнинг сийрат ва тарих китобларида зикр қилинган тафсилотларини, жангнинг турли босқичларида ўлдирилган мушриклар сонини чуқурроқ тадқиқ ва таҳқиқ қилиб кўрилганда мушриклардан ўлганлар сони йигирма иккита эмас, балки ўттиз еттита экани маълум бўлади, валлоҳу аълам[79].
Мадинада фавқулода ҳолат
Мусулмонлар Уҳуд жангидан қайтишган – 3- ҳижрий 8- шаввол якшанба куни – тунни фавқулодда ҳолатда ўтказдилар. Чарчаб, ҳолдан тойган бўлишларига қарамай, шу кеча Мадинанинг барча кириш-чиқиш йўлларини, шунингдек, шахсан бош қўмондонлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни қўриқлаб чиқдилар. Чунки, уларни ҳар томондан шубҳалар қамраб келаётган эди.
Ҳамроул-асад ғазоти
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шу куни тунни юзага келган ҳолат ҳақида фикр юритган ҳолда ўтказдилар. У зотнинг хавотирлари шундан эдики, мушриклар жанг майдонида қозонилган ғалабанинг самараларини кўрмасдан қайтиб кетишаётганидан пушаймон бўлиб, ортларига қайтишга ва Мадинага қайтадан ҳужум қилишга қарор қилиб қолишлари мумкин эди. Шу боис у зот Макка қўшинини таъқиб қилиш амалиётини ўтказишга қарор қилдилар.
Солномачиларнинг ёзишларича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Уҳуд жангининг эртаси, яъни 3- ҳижрий шаввол ойининг саккизинчиси, якшанба куни тонггида асҳобларини душман билан тўқнашувга чиқишга чорладилар ва: «Биз билан фақат кеча жангда иштирок этганларгина чиқсин!», дедилар. Абдуллоҳ ибн Убай бирга чиқишга изн сўраган эди: «Йўқ», деб жавоб бердилар. Мусулмонлар оғир жароҳатлар олган ва ҳолдан тойган бўлишларига қарамай, ҳаммалари бу чақириққа «лаббай» деб жавоб бердилар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқларига итоат қилишларини билдирдилар. Жобир ибн Абдуллоҳ жангга чиқишга изн сўраб: «Ё Расулуллоҳ, мен ҳам биронта жангдан қолмай, ҳаммасида сизнинг ёнингизда бўлишни истайман. Бироқ, отам мени сингилларимга бош қилиб қолдирган эди. Изн берсангиз, сиз билан бирга чиқсам», деган эди, унга изн бердилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонлар билан йўлга чиқиб, Мадинадан саккиз мил узоқликдаги Ҳамроул-асад деган жойгача бордилар ва ўша ерда қароргоҳ тикдилар.
Ўша ерда турганларида Хузоъа қабиласидан бўлган Маъбад ибн Абу Маъбад Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, исломни қабул қилди. Баъзилар уни мушрик бўлган, бироқ, Хузоъа билан Бану Ҳошим ўртасида бўлган иттифоқчилик туфайли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳамдардлик билдиргани келган, дейишган. У: «Эй Муҳаммад, асҳобларингиз хусусида сизга етган мусибатдан биз ҳам қайғурдик, Аллоҳ сизга офият беришини тилаймиз», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан Абу Суфён олдига бориб, уни чўчитиб қўйишини сўрадилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мушрикларнинг Мадинага қайтишга қарор қилишлари ҳақидаги хавотирлари ўринли бўлиб чиқди. Мушриклар Мадинадан ўттиз олти мил узоқликдаги Равҳоъ деган жойга бориб тушишгач, бир-бирларини маломат қила бошладилар. Баъзилари баъзиларига: «Ҳеч нарсага эриша олмадингиз, уларнинг шавкатини синдириб қўйиб, шу бўйи ташлаб кетавердингиз. Сизларга қарши қўшин тўплашга қурби келадиган бошлиқлари тирик қолаверди. Келинглар, орқага қайтиб, уларни таг-томири билан қуритиб ташлайлик», дейишди.
Афтидан, бу фикр ҳар икки гуруҳнинг моддий ва маънавий куч-қудратини тўғри баҳолай олмайдиган одамдан чиққан юзаки бир фикр эди. Шунинг учун масъул раҳбарлардан бўлган Сафвон ибн Умайя бунга қарши чиқди ва: «Эй қавм, бундай қилманглар! Мен уларнинг жангда иштирок этмай қолган Хазражни ҳам қўшиб, сизларга қарши жангга чиқишларидан хавотирдаман. Яхшиси, обрўларингиз борида қайтиб кетаверинглар. Агар яна қайта урушга кирсангиз, ғолиб бўлишингизга кўзим етмайди», деди. Бироқ, унинг бу гапи мутлақ кўпчиликнинг фикрини ўзгартира олмади ва Макка қўшини Мадинага юриш қилишга қарор қилди.
Абу Суфённинг қўшини йўлга чиқиши арафасида Маъбад ибн Абу Маъбд ал-Хузоий улар олдига етиб келди. Абу Суфён унинг мусулмон бўлганини билмаган эди. Шу боис ундан: «Ортингда нима хабарлар бор, эй Маъбад?», деб сўради. Маъбад унга қарши кучли асаб жангини (психологик уруш) бошлади: «Муҳаммад асҳоблари билан йўлга чиққан, сизларни таъқиб қилиб келмоқда. Уларнинг сони мен илгари асло кўрмаган даражада кўп. Ҳаммалари қасос алангасида ёнишмоқда. Ўша куни жангда иштирок этмаган кишилар бу ишларидан пушаймон бўлиб, қўшин сафига қўшилишган. Сизларга қарши уларнинг ғазаб-нафратлари шу қадар кучлики, мен унақасини асло кўрган эмасман».
Абу Суфён: «Ҳой, қуриб кетгур, нималар деяпсан ўзи?», деди.
«Худо ҳаққи, то отларнинг ёллари кўзга ташланмагунича ёки қўшиннинг олдинги сафлари мана бу тепалик ортидан чиқиб келмагунича юриш бошлашингни маслаҳат бермайман», деди Маъбад.
Абу Суфён: «Худо ҳаққи, биз уларни таг-томири билан қуритиб ташлаш учун ҳужум уюштиришга қарор қилиб турибмиз-ку», деди.
«Ундай қила кўрма, менинг сенга насиҳатим шу», деди у.
Шу билан Макка қўшинининг қатъияти синди, уларни қўрқув ва хавотир эгаллади, жонларининг омонлигини Маккага қайтишда деб кўра бошлашди. Бироқ, Абу Суфён ҳам ислом қўшини таъқиб қилишни тўхтатсин деган ниятда ва тўқнашувдан четлашишга муваффақ бўлиш умидида уларга қарши асаб жанги олиб боришга қарор қилди. Абдулқайс қабиласининг Мадинага қараб бораётган карвони улар ёнидан ўтиб кетаётган эди. Абу Суфён уларга: «Муҳаммадга мендан бир хабар етказа оласизларми? Агар шундай қилсангиз, эвазига Маккага қайтганингиздан сўнг Укоз бозорида мен сизларга бир туя кўтаргудек майиз бераман», деди. Улар: «Хўп», дейишди. «Ундай бўлса, Муҳаммадга биз уларни таг-томирлари билан йўқ қилиб ташлаш учун яна қайта ҳужум қилмоқчи эканимизни етказиб қўйинглар», деди.
Карвон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларига ҳали Ҳамроул-асадда экан пайтларида етиб борди ва у зотга Абу Суфённинг сўзларини етказди. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай хабар беради: «Ундай зотларга айрим кимсалар: «Қурайш одамлари сизларга қарши (саноқсиз лашкар) тўплаган; қўрқингиз!» — деганларида бу гап уларнинг иймонларини зиёда қилди ва: «Бизга ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи кифоя. У зот энг яхши ишончли вакилдир!» — дедилар. Бас, у юришдан бирон нохушлик етмай Аллоҳнинг неъмат ва фазли билан қайтдилар. Улар Аллоҳнинг ризолигини истадилар. Аллоҳ эса улуғ фазлу марҳамат соҳибидир» (Оли Имрон: 173, 174).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳамроул-асадга якшанба куни келган бўлсалар, душанба, сешанба, чоршанба кунлари – 3- ҳижрий шаввол ойининг 9, 10, 11 кунлари – ўша ерда туриб, сўнг Мадинага қайтиб келдилар. Мадинага қайтишларидан олдин Абу Изза ал-Жумаҳийни – Бадрда асирга тушганида камбағаллиги ва қизларининг кўплиги сабабли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонларга қарши бирон ҳаракатга қўшилмаслиги шарти билан марҳамат кўрсатиб қўйиб юборган, бироқ шартни бузиб ва аҳдга хиёнат қилиб, ўз шеърлари билан арабларни мусулмонларга қарши жангга чорлаган ва ўзи ҳам Уҳудга чиққан шоирни – қўлга туширдилар. Шунда у: «Эй Муҳаммад, менга шафқат қилинг, қизларимга раҳмингиз келсин, қайтиб бундай ишга қўл урмасликка сўз бераман», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бугундан кейин Маккада керилиб: «Муҳаммадни икки марта лақиллатиб кетдим» деб юрмайсан, мўмин киши бир ковакдан (яъни, газанданинг инидан) икки марта чақилишига йўл қўймайди» (яъни, ўзбекларнинг мақолида айтилганидек, кўр ҳассасини бир марта йўқотади), дедилар, сўнг Зубайрга – ёки Осим ибн Собитга – унинг бошини танидан жудо қилишга буюрдилар.
Шунингдек, Макка жосусларидан бир жосусни, яъни Муовия ибн Муғийра ибн Абул-Осни – Абдулмалик ибн Марвоннинг она томондан бобосини – қатл қилишга ҳукм қилдилар. Сабаби, Уҳуд жангидан сўнг мушриклар қайтиб кетишгач, Муовия амакиваччаси Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуникига келган, Усмон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан унга омонлик тилаганида у зот омонлик берган, бироқ уч кун ичида жўнаб кетмаса ўлдирилиши билан огоҳлантирган эдилар. Мадина исломий қўшиндан бўшаб қолгач, у бу ерда Қурайш фойдасига жосуслик қилиб, уч кундан ортиқ қолиб кетди ва қўшин қайтиб келганидан сўнг Мадинадан қочиб чиқиб кетди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқлари билан Зайд ибн Ҳориса билан Аммор ибн Ёсир уни ортидан қувиб етиб, қатл қилдилар[80].
Шубҳасиз, Ҳамроул-асад ғазоти мустақил ғазот эмас, балки Уҳуд ғазотининг бир қисми ва унинг саҳифаларидан бир саҳифадир.
Сиз юқорида Уҳуд жангининг барча босқичлари ва тафсилотлари билан танишиб чиқдингиз. Тадқиқотчилар ушбу жангнинг натижаси мағлубият бўлдими, йўқми, деган савол атрофида кўп баҳслар юритишган. Шубҳа йўқки, жангнинг иккинчи босқичида ҳарбий устунлик мушриклар томонида бўлди ва жанг майдони улар назорати остига ўтди. Мусулмонлар томонидан берилган қурбонларнинг сони ҳам анча кўп бўлди, мўминларнинг бир тоифаси мағлубиятни бўйинларига олиб қўйишди. Урушнинг тегирмон тоши Макка лашкари фойдасига айланди. Бироқ, мана шуларнинг ҳаммасини тўла ғалаба ва зафар деб аташга монеълик қиладиган бир неча ишлар бор.
Шубҳа йўқки, Макка қўшини мусулмонлар қароргоҳини истило қилишга қодир бўлмади. Мадина қўшинидан мутлақ кўпчилиги – оммавий тартибсизлик ва қаттиқ парокандалик юзага келган бўлса-да – қочишга уринмадилар, аксинча, бошқарув қароргоҳи атрофида жипслашиб, матонат билан жангни давом эттирдилар, тарозининг палласи Макка қўшини уларни олдига солиб қувиши даражасига тушиб кетмади. Мадина қўшинидан бирон киши кофирлар қўлига асирга тушмади, кофирлар мусулмонлардан ўлжаларни қўлга кирита олишмади. Мусулмонлар ўз қароргоҳларидан чекинмасдан турган бўлишларига қарамай, кофирлар жангнинг учинчи, ҳал қилувчи босқичини бошлашга ботинишмади. Ўша замондаги ғолибларнинг одатича, мушриклар жанггоҳда икки-уч кун турмадилар, балки жанг майдонини мусулмонлардан олдин тарк қилишга ва Маккага қараб жўнаб кетишга шошилдилар. Мусулмонларнинг бола-чақалари ва мол-мулкларини қўлга киритиш мақсадида Мадинага бостириб боришга журъат қилишолмади. Ваҳоланки, Мадинага бир неча одим қолган, у тўлалигича очиқ ва ҳимоясиз эди.
Мана шулардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Қурайш мусулмонларга жиддий шикаст етказишга муваффақ бўлишдан бошқа нарсага эришолмади, исломий қўшинни қуршаб олганидан сўнг кўзлаган мақсадлари, яъни уларни тамомила қириб ташлаш режаси барбод бўлди. Аслида, кўп ҳолларда ғолибларга ҳам мусулмонларга етгани каби шикастлар етади. Аммо, Қурайшнинг мана шу муваффақиятини ғалаба ва зафар деб аташ асло тўғри бўлмайди.
Аксинча, Абу Суфённинг тезроқ қайтиб кетишга шошилишидан жангнинг учинчи саҳифаси очилгудек бўлса, қўшинининг шармандали мағлубиятга дучор бўлишидан қўрққанлиги маълум бўлади. Унинг Ҳамроул-асад ғазотидаги ҳатти-ҳаракатларини кузатсак, бу нарса яна ҳам очиқроқ кўринади.
Демак, Уҳуд ғазоти узил-кесил ажрим бўлмаган жанг бўлди. Яъни, ҳар икки томон маълум даражада муваффақиятга ҳам эришди, зарар ҳам кўрди. Ҳар икки томон ҳам жанг майдонидан қочиб кетмаган ва ўз қароргоҳини душман истилосига топшириб қўймаган ҳолда чиқиб кетди.
Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти ҳам шу маънога ишора қилади: «Бу кофир қавмни қувишда сусткашлик қилмангиз! Агар қийналаётган бўлсангизлар, улар ҳам сизлар қийналганингиздек қийналмоқдалар. (Шу билан бирга) сизлар Аллоҳ томонидан улар умид қилмаган нарсани (яъни савобни, шаҳидлик неъматига муяссар бўлишни, қолаверса, ғалаба қозонишни) умид қилмоқдасизлар-ку?! Аллоҳ билим ва ҳикмат эгаси бўлган зотдир» (Нисо: 104). Ушбу оятда ҳар икки тарафни қийинчилик ва зарар тортишда бир-бирига ўхшатилдики, бу ҳар икки томоннинг ҳолати бир-бирига жуда ўхшаш бўлганини ва ҳар икки томон ғолиб бўлмаган ҳолда жанг майдонини тарк этганини англатади.
Қуръон жанг мавзуси атрофида сўз юритади
Мазкур жанг босқичларининг барчасини босқичма-босқич ёритиб берувчи Қуръон оятлари нозил бўлди. Уларда шу қадар катта талафотга олиб келган сабаблар баён қилиб берилди, мана шундай муҳим паллаларда иймон аҳлининг баъзи тоифаларида ўзларига топширилган вазифаларга нисбатан, шунингдек, ушбу уммат қўлга киритиши ва уни энг яхши уммат сифатида бошқалардан ажратиб туриши лозим бўлган олийжаноб ва улкан мақсадларга нисбатан ҳали-ҳануз мавжуд бўлиб келган кучсиз томонларни кўрсатиб берилди.
Қуръон, шунингдек, мунофиқларнинг ушбу жангдаги ҳатти-ҳаракатлари ҳақида ҳам сўз юритиб, уларни шармандаи-шармисор қилди, ичларидаги Аллоҳ ва расулига бўлган яширин адоватларини очиб ташлади, бу мунофиқлар ва уларнинг фитнаю адоват чиқаришни ўзларига касб қилиб олган яҳудий ҳамтовоқлари томонидан қўзғотилиб, айрим иймони заиф мусулмонлар қалбига ўралашиб қолган шубҳа-гумонлар ва васвасаларни йўқотиб ташлади, ушбу жангнинг келиб чиқишига олиб келган мақтовга сазовор ғоялар ва ҳикматларга ҳам ишора қилди.
Ушбу жанг мавзуси атрофида «Оли Имрон» сурасидан олтмиш оят нозил бўлган бўлиб, уларнинг аввали жангнинг энг биринчи босқичини зикр қилувчи: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), аҳли оилангиз ҳузуридан чиқиб, мўминларни урушадиган жойларига тахт қилиб қўйган пайтингизни эсланг!» (Оли Имрон: 121) ояти билан бошланиб, охирида жангнинг натижалари ва ҳикматларини ўз ичига олувчи таълиқ (шарҳу изоҳ) билан якунланади: «Аллоҳ мўминларни сизлар бўлган мана шу ҳолатда (яъни ким мўмин-у, ким мунофиқлиги маълум бўлмаган ҳолатда) ташлаб қўювчи эмас. Ҳали у (Уҳудда мунофиқларни мўминлардан ажратиб қўйгани каби) нопокни покдан ажратади. Аллоҳ сизларни ғайб илмидан хабардор қилмади. Лекин Аллоҳ пайғамбарларидан Ўзи истаган зотларни сайлаб олур (ва уни ғайбдан огоҳ қилур). Бас, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарларига иймон келтирингиз! Агар иймон келтириб, Аллоҳдан қўрқсангиз, сизлар учун улуғ ажр-мукофот бордир» (Оли Имрон: 179).
Ушбу ғазот остидаги ҳикмат ва ғоялар
Ибнул Қаййим ушбу мавзуда батафсил сўз юритган[81].
Ибн Ҳажар айтади: Уламоларнинг айтишларича, Уҳуд воқеаси ва унда мусулмонларга етган мусибатлар остида кўп улуғ фойдалар ва раббоний ҳикматлар бор. Жумладан:
- Мусулмонларга итоатсизликнинг ёмон оқибатларини ва тақиқланган ишни қилишнинг зарарларини билдириб қўйиш. Зеро, барча кўргиликлар камончиларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қимирламай туришга буюрган ўринларини ташлаб кетишлари оқибатида содир бўлди;
- Одатда, пайғамбарлар синов ва имтиҳонларга дучор қилиниб, оқибат улар фойдасига бўлади. Бундаги ҳикмат шуки, агар улар доим ғолиб бўлаверсалар, мўминлар сафига улардан бўлмаган кимсалар ҳам кириб қолишар ва ҳақиқий мўминни бошқасидан ажратиб бўлмай қоларди. Аксинча, доим мағлуб бўлаверишса ҳам пайғамбар юборилишдан кўзда тутилган мақсад ҳосил бўлмай қоларди. Шу боис содиқни козибдан ажратиб олиш учун ҳар икки иш ўртасини жамлаш ҳикмат тақозосидан бўлди. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, мунофиқларнинг нифоқи мусулмонлардан махфий эди, мазкур воқеа содир бўлгач ва мунофиқларнинг нифоқлари тилга ва амалга кўчгач, ҳамма нарса ошкор бўлди, мусулмонлар қўйинларида яшириниб ётган илонларни таниб олдилар ва улар билан ҳушёр бўлиб муомала қиладиган бўлдилар;
- Баъзи ўринларда ғалабанинг кечикишида нафсни енгиш ва унинг кибрини синдириш ҳосил бўлади. Ушбу жангда ҳам имтиҳон келганда мўминлар сабр қилдилар, мунофиқлар эса жазавага тушдилар.
- Аллоҳ таоло мўмин бандаларига Ўзининг каромат ҳовлиси (Жаннат)да шундай мартабаларни ҳозирлаб қўйганки, у мартабаларга эришишга амаллари кифоя қилмайди. Шу боис ана шу мартабаларга эришишлари учун уларга меҳнат ва синов сабабларини тайёрлаб қўйди;
- Шаҳидлик авлиёларнинг (яъни Аллоҳнинг дўстларининг) энг олий мартабаларидан, шу боис уларга шу мартабани ато этди;
- Аллоҳ таоло Ўзининг душманларини ҳалок қилишни истади. Шу боис уларни ҳалокатга элтадиган сабабларга, яъни куфр ҳамда Унинг дўстларига зулму тажовузлар қилишга буриб қўйди. Бу билан мўминларнинг гуноҳларини ўчириб, кофирларни ҳалок қилди[82].
[1] Зодул-маоддаги (2/92) бу фикр машҳурроқ, Фатҳул Борийга кўра (7/346) 100 отлиқ бўлган.
[2] Ас-сийратул-ҳалабийя (2/14).
[3] Аҳмад, Насоий, Ҳоким, Ибн Исҳоқ ривоят қилганлар, Бухорий «Иътисом»да 28-боб сарлавҳасида зикр қилган
[4] Ибнул Қаййим (2/92): «Элликта отлиқ ҳам бор эди», дейди. Бироқ, Ибн Ҳажар буни хато санаб, айтади: «Мусо ибн Уқба лашкар ичида биронта ҳам от бўлмаганини таъкидлаган. Воқидийда эса: «Улар билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг битта отлари ва Абу Бурданинг битта оти бор эди», дейилади» (Фатҳул Борий: 7/350).
[6] Ибн Аббосдан Аҳмад, Табароний ва Ҳоким ривоят қилганлар. Қаранг: Фатҳул Борий: 7/350.
[7] Саҳиҳул Бухорий: Китобул-жиҳод: 1/426.
[8] Ас-сийрутал-ҳалабия: 2/18.
[11] Ибн Ҳишом: 2/69-72, Саҳиҳул Бухорий: 2/583. Ваҳший Тоиф жангидан сўнг мусулмон бўлди, ўша найзаси билан Мусайлама каззобни ўлдирди, румликларга қарши Ярмук жангида иштирок этди.
[12] Ҳанзаланинг лақаби «Ғасил» (ювиб қўйилган) ёки «Ғасилул-малоика» (фаришталар тарафидан ювилган) бўлиб, бунинг сабаби қуйироқда, «Шаҳидларнинг дафн қилиниши» қиссасида келади.
[13] Фатҳул Борий: 7/346.
[15] Саҳиҳул Бухорий: 2/579.
[16] Бухорий Бароъ ибн Озиб ҳадисида келтирган: 1/426.
[17] «Саҳиҳул Муслим»да (2/107) айтилганидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Уҳуд куни 7 ансорий ва 2 муҳожир саҳобалари билан ёлғиз қолгандилар.
[18] «Ҳолбуки пайғамбар ортингизда сизларни чорламоқда эди» (Оли Имрон: 153) ояти шунга далолат қилади.
[19] Саҳиҳул Бухорий: 1/539, 2/581, Фатҳул Борий: 7/351, 362, 363. Бухорийдан бошқалар зикр қилишадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳузайфага отасининг диясини (хун пулини) бермоқчи бўлганларида у: «Отамнинг диясини мусулмонларга садақа қилдим», деган, бу иши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам наздиларида Ҳузайфанинг обрўсини яна ҳам орттирган эди.
[20] Зодул-маод: 2/93-96, Саҳиҳул Бухорий: 2/579.
[21] Ас-сийратул-ҳалабия: 2/22.
[23] Саҳиҳ Муслим: 2/107.
[24] Бироздан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига бир гуруҳ мусулмонлар етиб келиб, кофирларни Амора ёнидан суриб, уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг яқинларига келтиришди. У зот оёқларини унга тўшадилар ва у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оёқларига бош қўйганча вафот этди (Ибн Ҳишом: 2/81).
[25] Саҳиҳул Бухорий: 1/527, 2/581.
[26] «Қамиъа» араб тилида тубан, пасткаш, хор маъноларини англатади. Шу боис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг мақтаниб айтган «Мен Қамиъанинг ўғлиман» деган сўзига жавобан айни шу сўз билан ўзакдош феълни ишлатиб: «Ақмаъакаллоҳ», яъни Аллоҳ сени хор қилсин, деб дуо қилдилар (таржимон изоҳи). У зотнинг дуоларини Аллоҳ ижобат қилди. Ибн Оиздан ривоят қилинишича: «Ибн Қамиъа уйига қайтганидан сўнг чорвасини боқиб юриб, тоғ чўққисига чиқиб кетган қўй-эчкиларини қайтариб тушиш учун чиққанида ўзининг бир эчкиси уни қаттиқ сузиб, тоғдан қулатиб юборди ва у парча-парча бўлиб кетди» (Фатҳул Борий: 7/373). Табароний ривоятида: «Аллоҳ унга тоғ эчкисини рўбарў қилди, у уни сузавериб, тилкалаб ташлади» (Фатҳул Борий: 7/366).
[27] Саҳиҳул Бухорий: 2/582, Саҳиҳ Муслим: 2/108.
[28] Фатҳул Борий: 7/373.
[29] Саҳиҳ Муслим: 2/108.
[30] Китобуш-шифо битаърифи ҳуҳуқил-мустафо: 1/81.
[31] Саҳиҳул Бухорий: 1/407, 2/580, 581.
[32] Фатҳул Борий: 7/361, Сунан ан-Насоий: 2/52.
[33] Фатҳул Борий: 7/361.
[34] Саҳиҳул Бухорий: 1/527, 581.
[35] Термизий: Маноқиб (3740-ҳ), Ибн Можа: Муқаддима (125-ҳ).
[36] Фатҳул Борий: 7/361.
[37] Мухтасар тарих Димашқ: 7/82.
[38] Саҳиҳул Бухорий: 2/580. Муслимда ҳам шунга ўхшаш ривоят келган (Ал-фазоил: 4/1082).
[40] Алий ибн Аби Толиб айтади: «Уҳуд куни одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам атрофларидан узоқлашиб кетганда мен ўликларни қараб чиқиб, улар ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрмадим, сўнг: «Аллоҳга қасамки, у киши ҳаргиз қочиб кетмаганлар, ўликлар ичидан ҳам топмадим. Демак, Аллоҳ таоло бизнинг қилиғимиздан ғазабланиб, пайғамбарини юқорига олиб чиқиб кетган бўлса керак. Энди мен учун то ўлгунимча жанг қилишдан бошқа ишда яхшилик йўқ», дедим-да, қиличимнинг қинини синдириб ташладим, сўнг қавм устига ҳамла қилдим, шунда улар менга ўртани очиб беришди. Қарасам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг ўрталарида эканлар» (Муснад Абу яъло: 1/416, 546-ҳ).
[42] Саҳиҳул Бухорий: 2/581.
[43] Саҳиҳул Бухорий: 1/406.
[44] Зодул–маод: 2/97, Ибн Ҳишом: 2/73, 80–83.
[45] Саҳиҳ Бухорий: 2/582.
[46] Бунинг тафсилоти шундай бўлганди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккадаликларида мана шу Убай у киши билан йўлиқиб қолса: «Эй Муҳаммад, менинг бир отим бор, уни ҳар куни бир фарақ маккажўхори билан емлаб боқяпман. Сени шу отим устида ўлдираман», дерди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Йўқ, иншоаллоҳ, мен сени ўлдираман», дердилар.
[47] Ибн Ҳишом: 2/84, Ҳоким, Мустадрак: 2/327.
[48] Ибн Ҳишом: 2/86, Термизий (1692, 3739-ҳ), Аҳмад (1/165) ривоятлари, Ҳоким саҳиҳ санаган (3/374) ва Заҳабий унга мувофиқ бўлган.
[52] Ал-бидая ван-ниҳая: 4/17.
[53] Саҳиҳул Бухорий: 288, 2902, 3811, 4064 – ҳадислар.
[54] Саҳиҳул Бухорий: 2881, 4071 – ҳадислар.
[55] Ас-сийратул-ҳалабия: 2/22.
[56] Саҳиҳул Бухорий: 2/584.
[57] Ас-сийратул-ҳалабия: 2/30.
[59] Ибн Ҳишом: 2/93, 94, Зодул-маод: 2/94, Саҳиҳул Бухорий: 2/579.
[61] Ибн Ҳишом: 2/94. «Фатҳул-Борий»да айтилишича, мушриклар ортидан борган киши Саъд ибн Аби Ваққос бўлган экан (7/347).
[63] Зодул-маод: 2/97, 98, Ибн Ҳишом: 2/88.
[64] Ибн Ҳишом: 2/88, 89.
[66] Саҳиҳул Бухорий маъал-фатҳ: 3/248 (1343, 1346, 1348, 1353, 4079-ҳадислар).
[67] Саҳиҳул Бухорий: 2/584, Зодул-маод: 2/98.
[69] Мусла – қулоқ, бурун каби аъзоларини кесиш.
[70] Истиржоъ – إِنَّا لِلَّهِ وَإِنَّا إِلَيْهِ رَاجِعُونَ (Биз Аллоҳникимиз ва албатта Унинг ҳузурига қайтувчимиз) дейишлик.
[71] Ибн Шозон ривоят қилган. Қаранг: Шайх Абдуллоҳ ан-Наждий: «Мухтасар сийрат ар-расул»: 255 с.
[72] Аҳмад ривояти, Мишкотул-масобиҳ: 1/14.
[73] Саҳиҳул Бухорий маъал-фатҳ: 3/168, 169 (1247, 1275, 4045-ҳадислар).
[74] Саҳиҳул Бухорий маъал-фатҳ: 3/170 (1276, 3897, 3913, 3914, 4047, 4082, 6432, 6448-ҳадислар).
[75] Бухорий «Ал-адабул-муфрад»да (699-ҳ), Аҳмад «Муснад»да (3/424) ривоят қилганлар.
[78] Ас-сийратул-ҳалабия: 2/47.
[79] Ибн Ҳишом: 2/122–129, Фатҳул Борий: 7/351, Муҳаммад Аҳмад Башмил: «Уҳуд жанги»: 278–280-с.
[80] Уҳуд ва Ҳамроул-асад ғазотларининг тафсилотини Ибн Ҳишомдан (2/60-129), «Зодул-маод»дан (2/91-108), «Фатҳул Борий маъа Саҳиҳил Бухорий»дан (7/345-377), Абдуллоҳ Наждийнинг «Мухтасар сийрат ар-расул»идан (242-257) олдик. Бошқа манбаларни ҳам ўз ўрнида кўрсатиб ўтдик.
[81] Қаранг: Зодул-маод: 2/99-108.
[82] Фатҳул Борий: 7/347.
Qayd etilgan