Ж. в.да 5 маданият ва истироҳат боғи, 2 болалар боғи, «Сангзор кўли» истироҳат боғи, Ҳ. Олимжон номидаги шоирлар боғи, «Ўрда» оромгоҳи, Жиззах, Зомин, Ғаллаорол, Пахтакор ш.ларида Хотира боғлари, «Маънавият ва маърифат», «Саломатлик ва гўзаллик», маҳалла ва ёшлар марказлари, «Истиқлол» ёшлар форуми, Бахт уйлари бор. Вилоятда Парпиота, Навкатота, Авлиёота Маликаждарота, Саъд ибн Ваққос, Сайфинота, Саврикота, Қавсота зиёратгоҳлари, Темур дарвоза, Хуттот, Қуёш тақвими обидалари, қад. Жиззах, Ҳошим қўрғон, Абдуллахон қўрғони, Кўкработ, Сабат каби археологик ёдгорликлар мавжуд.
Ж. в.да 67 касалхона, 47 та ҳудудий ва 13 марказий касалхона, 1 даволаш маркази, 16 махсус диспансер, 2,3 минг врач, шу жумладан стоматологлар, 9,9 минг ўрта маълумотли тиббий ходим бор. Вилоят тез ёрдам маркази, оналар ва болаларни муҳофаза қилиш илмий маркази, марказий болалар шифохонаси, вилоят туғруқхонаси, реабилитация маркази, ўсмирлар диспансери каби муассасалар ташкил этилди, 34 та хусусий шифохона, 170 дорихона, 7 та фитобар ишлаб турибди. Санаторий бор (2002).
Ж. в.да спортнинг кураш, бокс, мото пойга, енгил атлетика, каратэ каби турларида республика ва халқаро мусобақалар ўтказиш одатга айланди. 2001 й.да Жиззахда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимидаги ўқув юртлари талабаларининг «Баркамол авлод» спорт ўйинлари ўтказилди. Спортнинг 8 тури бўйича 2000 га яқин спортчи ёшлар Жиззах ш., Пахтакор, Ғаллаорол, Бахмал туманларидаги стадион ва спорт залларида беллашдилар.
Вилоятда жами 28 стадион, 2 та сув спорти саройи, 18 теннис корти, 136 спорт зали мавжуд. Жиззах ш.да Олимпия захиралари коллежи ишга туширилди. Коллежда умумий майд. 9 га (72x102 м ёпиқ спорт манежи) спорт мажмуида бир вақтда 11 турдаги спорт машғулотлари олиб борилади. Коллеж 4 теннис корти, 1 сузиш ҳавзаси, 200 ўринли ётоқхонага эга. Шунингдек, 2 футбол мактаби фаолият кўрсатади. Вилоят ёш спортчилари орасида бокс бўйича Осиё чемпиони Лазизбек Зо-киров, бир неча йиллардан буён шахмат бўйича халқаро мусобақалар совриндори, республика чемпиони, ўқувчи Юлдуз Ҳамроқуловалар бор.
Адабиёти. Ж. в. қадимдан илм-фан ва ижодкорлар ўсиб улғайган юрт. Бу заминда ўрта аcрларда шайх Абулҳасан Хараконий (950—1034), шайх Аба Али Фаюмардий (1084), Абу Тала ибн Наср ибн Жундабек ал-Усрушоний, Поянда Заминий, Соки Заминий каби ислом маърифати ва фиқҳ илмига улкан ҳисса қўшган алломалар яшаб ўтган. Кейинроқ 19—20-а.ларда Махмур Коризий, Убайдуллоҳ Аламкаш, Нарзулло Нарзий, Иномхон Махжур сингари ижодкорлар бой адабий мерос қолдирган. 20-а. ўзбек адабиёти ривожида Жиззахда туғилиб ўсган Ҳамид Олимжон, Шароф Рашидов, Назир Сафаров, Шукур Саъдулла, Сарвар Азимов каби адибларнинг муносиб ҳиссаси бор. 20-а.нинг охирларида Жиззахдан Келди Қодир, Жонибек Қувноқ, Эргаш Муҳаммад, Саъдулла Ҳаким, Рустам Ғаниев, Асрор Мўминов, Оқилжон Ҳусанов, Шарофат Ботирова, Иброҳим Дониш, Сайёра Тўйчиева, Венера Иброҳимова, Саттор Қорабоев, Мели Норматов, Фароғат Камолова каби ижодкорлар ўз маҳоратлари б-н адабий жамоатчиликка танилди. Гулчеҳра Шаҳобиддин қизи, Шаҳло Аҳроровалар шеърияти, қўшиқчилик маҳорати б-н ажралиб турди.