Ahmad Lutfiy Qozonchi. Hazrati Umar ibn Hattob (r.a.)  ( 57802 marta o'qilgan) Chop etish

1 2 3 B


AbdulAziz  01 Mart 2010, 10:26:40

* * *

Сарвари олам бир суҳбатда шундай деганлар:

— Етти хил инсон борки, Аллоҳнинг соясидан бошқа соя бўлмайдиган кунда Аллоҳ уларни соясига муяссар қилади:

— одил давлат раҳбари;

— ибодат билан ўсган ўсмир;

— қалби масжидга боғланган киши;

— Аллоҳ йўлида яхши кўришган, шу муҳаббат билан учрашган ва ажралганида шу муҳаббатни қалбида сақлаган икки киши;

— юқори мавқе ва мансаб соҳибаси тарафидан (зинога) таклиф қилинганда, "Мен Аллоҳдан қўрқаман", дея бу таклифни қабул қилмаган эркак (ёки шундай қилган аёл);

— садақани махфий берган, ўнг қўли қилган ишини чап қўли билмаган киши;

— ёлғиз қолганида Аллоҳни эслаб, кўзёши тўккан одам.

Юқоридаги сифатларни Ҳазрати Умарга қўйиб кўрсак, кўз олдимизда ибратга лойиқ шахс намоён бўлади. У кишига одил давлат раҳбари деганининг ўзи кифоя эмас. Лекин у зот давлат раҳбарлари орасида, шубҳасиз, энг одили десак муболаға қилмаган бўламиз. Ҳазрати Умар юқоридаги ҳадисда тавсифланган комил инсоннинг энг ёрқин ва жонли намунасидир.

 

Сўнгги ҳаж

 

Ҳазрати Умар бу йил охирги марта ҳаж қилаётганларини билмасдилар. Бироқ кўнгилларидаги бир ҳис Расул алайҳиссаломнинг ҳаёт бўлган аёлларининг барчасини биргаликда ҳажга олиб боришга ундарди. Уларга хабар жўнатиб, сафар тадоригини кўришини сўрадилар.

Мўминлар оналари махсус ҳозирланган маҳофаларга ўтириб, Макка сари йўл олишди. Ашараи мубашшарадан бўлган Усмон ибн Аффон билан Абдураҳмон ибн Авф оналаримиз хизматида бўлишди. Ҳазрати Усмон маълум масофада олдинда, Абдурраҳмон эса орқада келарди. Шу тариқа саккиз аёлдан иборат ушбу кичик, аммо муборак карвонга бошқаларнинг изнсиз яқинлашишининг олди олинган эди. Дам олиш учун тўхталганда ҳам биров халақит бермайдиган жойда тўхташарди.

Оналаримиз ортиқча безовталиксиз Маккага етиб боришди. Одамлар Ҳазрати Умарнинг амрлари билан Каъбани тарк этиб, оналаримизни холи қолдиришди. Шу билан Оиша, Ҳафса, Савда, Умму Салама, Умму Ҳабиба. Жувайрия, Сафиййа ва Маймуна оналаримиз Каъба атрофини етти бор тавоф қилишди. Улар орасида фақат Зайнаб бинти Жаҳш билан Марям оналаримиз йўқ эди. Чунки икковлари ҳам абадий оламга сафар қилиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг висолларига ноил бўлишган эди. Мўминлар оналари ўзларига кўрсатилган иззат-икром ва яратилган шароитлардан хурсанд эдилар. Ҳазрати Умар ҳам уларга қўлларидан келганича қулайлик яратиб бердилар. Чунки бу аёллар Набийи Акрам қолдирган энг азиз омонатлари эди. Уларга қилинган хизмат Расулуллоҳ алайҳиссаломга қилингандек бўларди. Улар шаҳодат сўзларини айтган ҳар бир мўминнинг онаси эди.

 

* * *

 

Мадинага қайтишаётганда, Абтоҳ деган жойда Ҳазрати Умар қўлларини дуога кўтардилар:

— Эй Аллоҳим! Ёшим ўтиб, қувватим кетди. Мен масъул бўлган инсонлар эса яна ҳам ортиб боряпти. Энди хато қилишдан қўрқаман. Раббим, мени ҳузурингга ол, севимли Расулинг яшаган заминда шаҳидликни насиб эт!

Ҳазрати Умар бу дуони илк маротаба қилаётган эмасдилар. Одамлар у кишининг анчадан буён: "Аллоҳим, менга севимли Расулинг юртида шаҳидликни насиб кил!" деб дуо қилаётганларини билишади.

 

Адолат тимсолининг шаҳид этилиши

 

Кунларнинг бирида Ҳазрати Умар Мадина бозорини айланиб юрар эканлар, алпкелбат қул у кишига сўз қотди:

— Сизда гапим бор эди, амирул мўминин.

— Эшитаман, қулоғим сенда.

— Мен Муғийра ибн Шўъбанинг қулиман. У мендан катта миқдорда товон пули талаб қиляпти. У пулни тўлашга қурбим етмайди. Менга ёрдам беринг.

— Қанча сўраяпти?

— Кунига икки дирҳам.

— Касбинг нима?

— Дурадгорман. Лекин наққошлик ҳам қўлимдан келади. Ундан ташқари темирчиликдан хабарим бор.

— Бунақа ҳунарлар соҳибига икки дирҳам кўп эмас. Эшитишимча, сен: "Истасам тегирмонни шамол билан айлантираман", деган эмишсан?

— Ҳа, бу иш қўлимдан келади.

— Ундай бўлса, менга битта шамол тегирмони ясаб бер.

— Сизга шундай тегирмон ясаб берайки, шарқу ғарбдаги одамлар у ҳақда гапиришсин.

Қул шуларни айтиб кетди. Форсий бўлишига қарамай, у насронийликни қабул қилган, Нихованддан олиб келинган асир болаларнинг бошини силаб, "Мени куйдирдинг, Умар", деган эди.

Бир муддат унинг ортидан қараб қолган Ҳазрати Умар:

— Бу қул мени қўрқитиб юборди, — дея пичирлаб қўйдилар ва уйларига йўл олдилар.

 

* * *

 

Орадан икки кун ўтди. Оқшомда уйига қайтаётган Абдураҳмон ибн Абу Бакр уч кишининг ўзаро суҳбатлашиб турганига кўзи тушди. Улардан бири форслик машҳур қўмондон, Мадинага асир қилиб келтирилиб, Исломни қабул қилган Хурмузон эди. Қолганлари ўтган куни Ҳазрати Умар билан гаплашган Абу Луълуъ ва Жувайна отли яна бир форсий. У ҳам насроний эди.

Улар паст овозда сўзлашар, нима ҳақда гаплашаётганига тушуниб бўлмасди. Абу Луълуъ қўлидаги ўроғлиқ қуролни тушуриб юборди. Дарҳол эгилиб, қуролни олди. Бу орада уларга анча яқинлашиб қолган Абдураҳмон Абу Луълуънинг қўлидаги қурол махсус ясалган икки тиғли пичоқлигини кўрди.

Уч суҳбатдош Абдураҳмонни кўриб хурсанд бўлишмади, албатта. Пичирлашни тўхтатиб, тарқалишди.

Яна бир кун ўтди...

Абу Луълуъ яна бир бор ўзи ясаган икки тиғли пичоқни текшириб кўрди. У анчадан бери ичини ёндираётган оловни шу пичоқ ёрдамида сўндиришни ўйлаб, пичоқни чархларкан, содир этишга чоғланган жиноятни кўз олдига келтириб кўрди.

Ниҳоят, муаззин мўминларни бомдод намозига турғизиш учун азон айтаркан, Абу Луьлуъ қалтираганича ўрнидан жилди. У совуқ қотганидан эмас, ҳаяжонланганидан титрар эди. Қуролни олиб, қоронғу кўчалардан масжидга йўл олди. Абу Луълуъ масжидга етиб боришга қанча вақт кетганини биладиган аҳволда эмасди. Олдида кетаётган бир неча киши бир оз ўтиб, нималар юз беришидан хабарсиз боришарди.

Шомнинг ғира-шира ёруғида юзларини ўраб олган кишининг кириб келиши ҳеч кимда шубҳа уйғотмади. Ҳеч ким унга қиё боқмади, бирор сўз қолмади. Абу Луълуь энг олдинги сафга ўтиб, меҳробга яқин ердан жой олди. Энди фақатгина Ҳазрати Умарнинг келиб, меҳробга ўтишлари қолган эди.

Ҳазрати Умар сафларни текислаш ва тузатиш учун махсус тайинланган одамнинг ишорасидан кейин меҳроб сари қадам қўйдилар. У киши ҳар доимгидек Буюк Парвардигор ҳузурида туриб, ортларидаги жамоатнинг намозини тақдим этишни ўйладилар. Зеро, шунча одамнинг намози у кишининг намозларига боғлиқ эди. Бошқача айтганда, Ҳазрати Умар орқада турган иисонларнинг масъулиятини ўз бўйнига олган эдилар.

Буюк Форуқ ана шу ҳислар билан меҳробга ўтди. Такбири таҳрима билан намоз бошланди. Жамоат ҳам имомга иқтидо қилиб, намозга киришди. Айни қулай фурсат етиб келганини англаган малъун меҳробга яқинлашди. У қўлидаги ханжарни бор кучи билан Ҳазрати Умарнинг кураклари остига санчди. У ҳанжарни суғуриб олиб, яна ва яна ботирди. Ҳаммаси кўз очиб юмгунча содир этилди, жамоат нималар бўлаётганини англаб олгунча қул Ҳазрати Умарга олти бор зарба беришга улгурди.

— Мени еди бу ит... Ўлдирди-я, кофир! — дея бақирганча Ҳазрати Умар ерга йиқилдилар. Дарҳол Лайс қабиласидан бўлган Кулайб ибн Абу Букайр қотилни ушлаб олди. Лекин баданига ботириб олинган пичоқ уни жонсиз ерга қулатди.

Абу Луълуъ қиладиганини қилиб бўлгач, сафларни ёриб ўта бошлади. У ҳанжарини моҳирлик билан ўйнатиб, бир неча одамни яралади. Ўн учинчисини яралаган ҳам эдики, Абдуллоҳ ибн Авф эгнидаги ридосини унинг устига отиб, чирмаб ташлади. Ҳақиқий исми Феруз бўлган Абу Луълуъ ҳаммаси тугаганини тушунди. Энди ўлими муқаррар. Мадинада уни ҳимоя қиладиган ва илоҳий ҳукмни тўса оладиган ҳеч ким йўқ, бўлиши ҳам мумкин эмас. Камида калласини олишади. Шундай экан, бу ишни мўминларга қолдиришдан маъно йўқ эди. Ўзи истаганидек интиқом олиб бўлганини бир зум хаёлидан ўтказган Абу Луълуъ қўлидаги ханжарни бор кучи билан кўксига қадади. Масжид деворларини титратгудек қичкириқ янгради, қотил ерга қулади. Маҳкам ушлаб турган қўллар ҳам бўшашиб, уни қўйворди. У бир-икки типирчилаб, жон берди.

Тўпланганлар орасидан бир одам чиқиб, малъуннинг ёнига келиб эгилди. Кўксига қадалган ханжарни кўриб титраб кетди. Чунки у шу қуролни кеча кўрган эди. Кеча оқшом пичирлашиб турганларнинг бири эса ерда жонсиз ётарди. Эҳтимол амалга оширмоқчи бўлган жиноят ҳақда гаплашишгандир. Абдураҳмон ибн Абу Бакрнинг қадди букилди. Қанийди, ўша пайт шу малъуннинг ниятини билсайди. Кошки, ҳозиргина юз берган фожеанинг олдини ололсайди.

Унинг аҳволини кузатиб турган бир ўспирин саволомуз нигоҳларини тикди:

— Нимадир биласанми бу ҳақда?

Абдураҳмон билганларини айтиб берди. Йигитчанинг муштлари тугилиб, тишлари қисирлади, кўзлари ёнди. У Ҳазрати Умарнинг ўғиллари Убайдуллоҳ эди.

 

* * *

 

Намоз бузилган эди. Масжид эса, шу кунгача бунақанги ҳаяжон ва югур-югурларнинг гувоҳи бўлмаган. Жамоатнинг бир қисми ерда ётган малъунга ланъат ўқиш билан банд бўлса, яна бир қисми чала қолган намозни уйдами ёки масжидда ўқишни ўйлаётган эди.

Танидан қон тирқираб отилган Ҳазрати Умар ўзларига келгач: "Ва кана амруллоҳ қодаром-мақдуро", оятини ўқидилар ва ёнидагиларга:

— Абдураҳмон қани? Имомликка ўтсин, — дедилар.

Абдураҳмон ибн Авф имомлик қилиб, Кофирун ва Ихлос суралари билан намозни тугатди, Бу орада Ҳазрати Умарни уйларига олиб келишди. Ўзларига келиб, намоз ҳақида сўрадилар. Ҳали қуёш чиқмаганини айтишгач, ўринларидан туриб, таҳорат олдилар ва Вал аср ҳамда Кафирун сураларини ўқиб, бомдод намозини тугатдилар.

Яраларидан ҳали ҳам қон оқаётган эди. Ҳазрати Умар ўғли Абдуллоҳга юзландилар:

— Бориб билгин-чи, пичоқ урган ким экан?

— Отажон, Феруз исмли одам. Абу Луълуъ дейишади. Муғийра ибн Шўъбанинг қули экан.

Ҳазрати Умар кутилмаганда енгил нафас олдилар. Сўнгра Аллоҳга ҳамд айтдилар. Энди: "Сени мусулмон одам ўлдирди", деган андишага ўрин йўқ эди.

Яна Абдуллоҳга юзландилар:

— Оишанинг олдига бор. Изн берса, икки дўстимнинг ёнидан жой олай.

Оиша онамиз муборак хужрада қолган бўш жойни ўзларига мўлжаллаган эдилар. Лекин Ҳазрати Умар учун бундан бажонидил воз кечганларини айтди. Ҳазрати Умар буни эшитиб, яна бир бор севиндилар:

— Алҳамдулиллаҳ энг катта ташвишим шу эди. Уям ҳал бўлди.

Кейин Абдуллоҳни ёнларига чақирдилар ва:

— Тобутимни олиб боргач, ичкарига кирмасдан олдин яна бир марта Оишадан сўраб кўринглар. Чунки у менга халифа бўлганим учун йўқ деёлмаган бўлиши мумкин. Агар у рад килса, Бақиъга дафн қилингиз, — дедилар.

 

* * *

 

— Менга Қуръони каримни келтиринглар!

Амр бажо этилди, Ҳазрати Умар Мусҳафи шарифни қўлларига олиб, бир муддат тикилиб қолдилар. Муборак китобнинг жуда кўп оятлари иниши гувоҳи бўлганлар. Мана шу тенгсиз Китоб кўрсатиб берган ҳидоят йўлида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам раҳбарликларида ўттиз йил яшадилар. Илоҳий каломнинг китоб ҳолига келишида Ҳазрати Умарнинг ҳам ҳиссалари бор эди. Қизлари Ҳафсага ўгирилдилар ва:

— Мўминлар онаси, бу китобни сенга омонат қолдираман, — дедилар. Шу билан Мусҳаф деб аталган ўша китоб бир умр Ҳафса онамизда қолажак, кейинчалик Ҳазрати Усмон замонларида, Қуръоннинг нусхалари кўпайтирилаётганда, олиниб, яна қайтариб берилади.

 

* * *

 

Бақиъ қабристони ўша кун яна бир охират йўловчисини бағрига олди. Шу кунгача қаро ер бағрига кирганлар орасида унинг алоҳида ўрни бор эди. Чунки у масжид ичида, Расул алайҳиссалом меҳробларининг олдида халифани кутқариш учун шошилган, лекин ханжар зарбидан жон фидо қилган эди.

Раббига ибодат қилиш мақсадида уйқусидан воз кечиб, кун чиқмасдан масжидга югурган, намозини халифани қутқариш учун бузган эди. Тақдир экан, бу фоний оламни тарк этди. Эртага Буюк Раҳмон ҳузурига вужудидаги қонларни оқизиб борадиган Кулайб кўрсатган фидойилиги учун муносиб мукофот олиши аниқ.

 

* * *

 

Ҳазрати Умарнинг боши Абдуллоҳнинг кўксида турарди. Абдуллоҳ курак остидаги тинимсиз равишда қонаётган ярани бармоғи билан бекитишга уринар, лекин бармоқ яранинг ичига кириб кетарди.

Табибга одам юборишди.

Ҳазрат Умар:

— Оишанинг хонаси тор. Керагидан ортиқ кавламангиз, — дедилар ва бир чўп келтиришни сўрадилар. Келтиришгач, чўзилиб ётдилар ва бўйларини ўлчадилар.

— Қабрни шундай узунликда ковлайсизлар, — дедилар ва сўнг ювиладиган сувга хушбўй суюқликлар қўшмасликни, уйдан олиб чиқилаётган пайтда, дод солиб йиғламасликни, аёлларнинг жанозага эргашмасликларини ва ортларидан мум, шам ёки оловга ўхшаш нарсаларни келтирмасликни уқтирдилар.

Табиб етиб келди. У Ҳазрати Умарга бир пиёла сут ичирган эди, ичганлари бир оз ўтиб, ярадан оқиб чиқа бошлади. Бирдан табибнинг ранги ўчди:

— Мўминлар амири, қўлимиадан ҳеч нарса келмайди. Васиятингиз бўлса, қилиб олинг, — деди.

 

* * *

 

Атрофдагилар:

— Мўминлар амири, сиздан кейин ким халифа бўлишини айтсангиз, — дейишди.

Буни айтиш осон, лекин масъулияти оғир эди. Бир пайтлар Ҳазрати Абу Бакр бу ишни уддалаган эдилар, лекин ўшанда Ҳазрати Умар бор эдилар. Халифалик юкини гарданига оладиган ва ишонч билан одимлайдиган Умар бўлмаганида Ҳазрати Абу Бакрда шундай жасорат топилармиди? Зеро, ҳозир бошқа Умар йўқ!

Ҳазрати Умар Абдураҳмон ибн Авфни чақириб келишни буюрдилар. У келгач, қолганлардан чиқиб туришни сўрадилар. Абдураҳмон билан ёлғиз қолишгач:

— Сен амир бўлишингни истайман, Абдураҳмон, — дедилар.

Ҳазрати Умарнинг гапларидан Абдураҳмоннинг юз ифодаси заррача ўзгармади. Унинг ўрнида бошқа бир инсон бўлганида, бошига бахт қуши кўнган ҳисоблаб: "Бундай имконият ҳаётда бошқа бўлмайди", дея Ҳазрати Умарнинг ҳақларига тинимсиз дуо қиларди.

— Бу вазифани менга чин юракдан тавсия қиляпсизми? Жуда қийин савол.

— Йўқ. Сенга буни тавсия этмайман.

— Унда, мен ҳам бу вазифани қабул қилолмайман.

— Яхши. Бу гап орамизда қолсин.

— Бундан кўнглингиз тўқ бўлсин, мўминлар амири.

 

* * *

 

Ҳазрати Умар янги халифа тайинлангунга қадар намозга Суҳайб ибн Синон Румийнинг бош бўлиб туришини буюрдилар.

— Сизни кўришга келишди, отажон.

— Кирсинлар.

Бир гуруҳ одам ичкарига кирди.

Ҳазрати Умарнинг аҳволлари яхши эмасди.

Қисқа ҳол-аҳвол сўралгандан кейин:

— Ўрнингизга кимни қолдирмоқчисиз? — деб сўрашди.

— Кимни қолдирай? Абу Убайда бўлганида, уни тайинлаган бўлардим. Эртага Раббимга: "Муҳаммад умматини Муҳаммад умматининг Амини қўлига топшириб келдим", дердим. Агар Абу Ҳузайфанинг озод қилинган қули Солим ҳаёт бўлганида, балки уни қолдирардим. Раббим шу ҳақда мендан сўраган замон: "Мен Расулингнинг шундай деганларини эшитганман: "Солимда Аллоҳга бўлган кучли муҳаббат ва тақво бордир". Халифаликни шунинг учун унга қолдирдим", деган бўлардим.

Ҳазрати Умар Солимни бу вазифага лойиқ кўришларига фақат унинг Аллоҳга бўлган муҳаббат ва тақвоси борлигининг ўзи бўлмаса керак. Зеро, атрофда ундан бошқа яна қанча шундай лойиқ инсонлар бор. Эхтимол, Ҳазрати Умар унинг яхши бошқарувчилик қобилияти бор деб ҳисоблагандирлар.

Келганлардан бири гап бошлади:

— Мўминлар амири, мен халифаликка номзод топдим. Ўғлингиз Абдуллоҳни тайинлай қолинг.

— Аллоҳ жазоингни берсин. Худо ҳаққи, бу гапинг билан Аллоҳ ризосини кўзламаяпсан сен. Қандай қилиб бир уйни ҳам бошқара олмайдиган инсонни миллатга бош қилиб қўяй? Мен халифаликка кўз тиккан эмасман. Шу кунгача халифа бўлганим туфайли ўзимни бахтиёр сеза олмадим, қандоқ қилиб уни оила аъзоларимга раво кўрай? Агар халифаликда яхшилик ва хайр бўлса, Умарнинг хонадони насибасини олди. Агар ёмонлик бўлса, энди Умарнинг хонадони бир оз дам олсин. Бу хонадондан битта қурбон чиққани етади. Мен қўлимдан келганини қилдим ва бу йўлда оиламни баъзи нарсалардан маҳрум этдим. Натижада ҳеч бир савоб олмаган, лекин гуноҳ ҳам қилмаган бўлсам, ўзимни бахтли ҳис қилардим.

Меҳмонлар товуш чиқармасдан тинглар эди. Ҳазрати Умар кўрсатган шунча хизматларига қарамай, гуноҳ ва савобсиз қолишдан ўзларини бахтиёр санасалар, кейингилар янаям чуқурроқ ўйлаб қадам босишлари лозим эди. Ҳазрати Умар гапларида давом этдилар:

— Биламан, ҳозир бир амир тайинласам, хато қилмаган бўламан. Чунки мендан яхшироқ бўлган Абу Бакр шундай қилган.

Агар амир тайинламасам ҳам, хато қилмаган бўламан. Зеро, мендан яхшироқ бўлган Расулуллоҳ алайҳиссалом шундай йўл тутганлар. Мен бир нарсага ишонаман: Бу Аллоҳнинг динидир. Аллоҳ эса динини ўзи асрайди.

Ҳазрати Умар ўғилларини тавсия қилмай адолат ва мурувватнинг беқиёс намунасини кўрсатдилар. Ўғилларининг бошқарувчилик қобилияти бор-йўқлиги, майли, эртага хунук ишга йўл очиб беришдан сақланаётган эдилар. Ахир, эртага давлатнинг отадан ўғилга мерос қилиб қолдирилишининг олди қандай олинади? Ким олади? Унда Ҳазрати Умар ўн йил қилган хизматларини ифлос ва бошоғриқ ишга йўл очиб бериш билан ниҳоясига етказиб, савобидан ҳам маҳрум бўлардилар. Бунинг юкидан осонликча қутулмасдилар ҳам.

Меҳмонлар кетиб, бир оздан кейин яна қайтиб келишди.

— Мўминлар амири, халифа тайинлай қолинг, — дейишди.

Улар кўнгилсиз воқеалар юз беришидан чўчишаётган эди.

Расулуллоҳ алайҳиссалом вафот этган кунларидаёқ турли бемаъниликлар рўй берган, бугун ундан ёмонроғи юз бериши мумкин эди. Ўша кунда ҳаёт бўлганларнинг кўпи бугун қаро ер бағрида ётибди.

— Сизлар билан суҳбатлашгандан сўнг ишларингизга бош-қош бўладиган одам тайинлашга қарор қилдим. Мен тайинламоқчи бўлган инсон сизларни ҳақ ва тўғри йўлда жуда яхши бошлаб бора олади, — деб ўйлаётган эдим.

Ҳазрати Умар гапирар эканлар, Ҳазрати Алига қарадилар ва сўзларида давом этдилар:

— Ўйлаётиб, кўзим илинибди. Тушимда бир одамни кўрдим. У ўзининг боғига кириб, қўлига тушган нарсани тўплаётган эмиш. Бу тушни кўриб англадимки, Аллоҳ тақдири бор ва у бўлажакдир. Мен бу ишнинг зарарини ҳаётда ҳам, кейин ҳам кўришни истамайман. Расулуллоҳ алайҳиссалом "Жаннат аҳлидан", деганлари, аввало, Саид ибн Зайд. Уни бу ишга аралаштирмоқчимасман. Чунки у давлат ишларига қизиқмайди. Қолганлар Абдуманноф авлодидан бўлган Али ва Усмон, Расулуллоҳ алайхнссаломнинг тоғаваччалари Саъд ибн Абу Ваққос ва Абдураҳмон ибн Авф, холаваччалари Зубайр ибн Аввом ва Талҳа ибн Убайдуллоҳки, биз уни "Хайрли Талҳа", деймиз, мана шулар ичларидан бир амир танласинлар. Танлаб бўлиб, унга етарлича ваколат бериб, ёрдамчи бўлингиз.

Шундан кейин меҳмонлар чиқиб кетишди.

 

* * *

 

— Отажон, сизни кўргани келишибди.

— Киритавер! Келганлар уммавийлар эди:

— Мўминлар амири, сиздан илтимос, Усмон ибн Аффонни халифа қилиб тайинланг.

— Бундай қилолмайман.

Улар Ҳазрати Умарга "Йўқ" деган ишларини барибир қилдириб бўлмасликни билиб, чиқиб кетишди. Кейин яна бошқа одамлар келишди.

— Мўминлар амири, Али ибн Абу Толибни халифа қилиишнгизни илтимос қилиб келдик.

— У сизни тўғри ва ҳақ йўлдан бошлаб юра олади.

Одамлар бу гапдан кейин бошқасини кутмадилар. Улар: "Модомики, Али ҳақида шундай деяптилар, демак, у раҳбар бўлиши керак", дейишди.

— Отажон, тушунишимча, сиз Али ибн Абу Толибнинг танлашларини истаяпсиз. Уни тайинлаб ҳаммасига нуқта қўя қолмайсизми?

— Бўлади. Лекин биз бу юкни ҳаётда тотиб кўрдик. Ўлгандан кейин яна тотишни истамаймиз.

Қанийди, Ҳазрати Умар шу ишни ўзлари қилиб, жасорат кўрсатсалар эди. Уммат бошсиз қолмасди. Тайинланадиган одам осмондан тушмайди ёки у ҳақда ваҳий ҳам келмайди. Шунинг учун ҳаёт бўлганлар орасидан энг лойиғи танланиб, тайин қилинса, масала ҳал бўларди. Бу ишни ўша ишониб топширган одам яхшироқ бажарармиди?

 

* * *

 

Ҳазрати Умар ўғли Абдуллоҳни чақирдилар:

— Ўғлим, иймонингни бақувват қил!

— Қандай қилиб?

— Ёзнинг жазирама кунларида рўза тутиш, Аллоҳ душманларига қарши қилич билан курашиш, мусибатли онларда сабр қилиш, совуқда ҳам таҳорат олиш, булутли кунларда намозни вақти кириши билан ўқиш ва ичкиликдан нари юриш.

Куёвлари Саид ибн Зайд зиёрат қилгани келди. Ҳазрат Умар унга:

— Билгинки, ҳеч кимни ўрнимга этиб тайинламадим. Яна шуни билгинки, араб қуллари кун келиб озод бўлишади, — дедилар.

Ҳазрати Умар ўзларидан кейинги амирнинг исломни қабул қилган ва намоз ўқийдиган қулларга озодлик беришни, буни ҳозир бўлмаса, яқин икки йил ичида қилишни буюрдилар. Ҳозирги волийларни камида яна бир йил ўз лавозимида қолдиришни васият қилдилар.

Саъд ибн Абу Ваққосни айбсиз бўшатганлари, уни қайта волийликка тайинламоқчи эканликлари, лекин бунгача умрлари поёнига етиб қолганини айтдилар.

— Агар у ўрнимга танланса, бунга муносиб киши. Бўлмаса волий бўлсин.

Олган қарзларини тўлаш учун мол-мулкларини сотишни, етмаса, қабилалари Адийдан ёрдам сўрашни, уям етмаса, Курайшдан сўрашни, лекин Қурайшдан бошқага мурожаат қилмасликни уқдирдилар.

— Абдуллоҳ қарзларимни тўлашга ваъда берасанми, ўғлим?

— Ҳа, отажон, барисини тўлайман.

 

* * *

 

Эрталаб Ҳазрати Умарнинг амрлари билан Али, Усмон, Зубайр, Абдураҳмон ва Саъдлар келишди. Талҳа Мадинада эмасди ва ҳали етиб келмаган эди.

— Менимча, сиз одамларнинг ақллироғисизлар. Бу ишни сизлар ҳал қиласизлар. Расулуллоҳ алайҳиссалом бу дунёдан кетаётганларида хурсанд эдилар. Агар сиз тўғри йўл тутсангиз, одамлар сизга қарши чиқишмайди. Лекин бир-бирингиз билан тортишмангизки, одамлар ҳам ихтилофга берилади. Усмон, агар сен раҳбар бўлсанг, Аллоҳ ризоси учун Уқба ибн Абу Муайт авлодини (яъни, уммавийларни) одамларнинг бошига бало қилма. Мабодо, сен ҳокимият тепасига келсанг, Али, ҳошимийларни давлат ишларига аралаштирма. Саъд, халифа бўлсанг, сен ҳам қариндошларингни ҳокимиятга яқинлаштирма.

"Эй Умар, нега ўзингиз ундай қилгансиз бўлмаса? Нима учун қариндошларингиз юқори лавозимларда ишлашди?" деган эътироз бўлмади. Бўлиши ҳам мумкин эмасди. Акс ҳолда, Ҳазрати Умарга туҳмат қилинган бўларди. Зеро, у киши бундай ишга қўл урмаган, яъни, давлат мулкидан ўзлари ёки қариндошлари манфаатлари йўлида бирор марта бўлсин фойдаланмаган эдилар.

Болга ботган бармоқни ялаб бўлмайдими? Бўлади. Лекин бошқалар бунақада болни чўмичлаб ола бошлар, натижада давлат мулки тоғ бўлсаям, битиб тугарди. Буни яхши тушунган Ҳазрати Умар болни ушладилар, лекин асло ялаб кўрмадилар. Бу нарсага шу даражада аҳамият бердиларки, касалликлари учун тавсия қилинган икки коса асални олиб ичиш учун масжидда жамоатдан изн олдилар. Шу сабаб бўлса керакки, Утба ибн Робианинг қизи Умму Абанга совчи қўйганларида:

— Йўқ. Чунки у эшигини ёпади-ю, ташқарига чиқади. Мундоқ қорнини тўйғазмайди ҳам... Ит ётиш, мирза туриш... Мен унга турмушга чиқмайман, — деган эди.

Ҳазрати Умар меҳмонларга юзландилар:

— Бориб, Оишадан изн олинглар, унинг хонасига киринглар. Ўша ерда орангиздан раҳбар танланглар, — дедилар.

Эхтимол, Ҳазрати Умар бу иш Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг қабрлари устида ҳал қилинса, одоб-ахлоқ ва адолатга риоя қилинган бўлади, деб ўйлагандирлар.

Ҳазрати Умар бир-икки нафас олиб, қарорларини ўзгартирдилар.

— Йўқ. У ёққа борманглар. Менга яқинроқ жойда қолинглар.

Шундай дея, бошларини ёстиққа қўйдилар. Жуда кўп қон йўқотганларидан хушидан кетай деган эди. Бешовлон ёндаги хонага киришди. Кўп ўтмай, овозлари кўтарилиб кетди. Хонага Абдуллоҳ кирди.

— Ҳайронман. Мўминлар амири ҳали ҳаёт бўлса, сизлар эса у кишини безовта қиляпсизлар.

Шовқиндан Ҳазрати Умар уйғониб кетдилар. Уларни чақириб:

— Ҳозир бораверинглар. Вафотимдан кейин тезроқ бу ишни ҳал қилинглар. Янги раҳбар тайинлангунча, Суҳайб имом бўлиб турсин. Ўғлим гарчи танловда иштирок этмаса-да, орангизда бўлсин, сизга қўшилсин. Етиб келолмаса, унинг номидан бирортангиз кафил бўлсин, — дедилар.

Саъд ибн Абу Ваққос:

— Унга мен кафилман. Иншааллоҳ у кўнгилсизлик содир қилмайди, — деди.

— Мен ҳам низо чиқармайсизлар, деб умид киламан. Икки кишидан бири бўлса керак, деб ўйлайман. Агар Усмон бўлса, билингларки, у юмшоқ табиатли инсон. Керак пайтда қаттиққўл бўлиш унга бегона. Али бўлса, дидли инсон. Шу билан бирга, у кўл остидагиларни тўғри йўлдан бошлаб юра олади. Саъд ҳам халифаликка лойиқ. Мабодо Саъд танланмаса, ким раҳбар бўлса, ундан маслаҳат олиб турсин. Мен уни хиёнат қилган ёки ишини эплолмагани учун вазифасидан озод қилмаганман. Абдураҳмон фикр сўраса, арзийдиган инсон. У тўғри нарсани билади ва кўрсата олади. Уни Аллоҳнинг ўзи асрайди, унга қулоқ солинг. Ҳазрати Умар ансорлардан бўлган Абу Талҳа билан Миқдодни чақирдилар. Улар келишгач:

— Абу Талҳа, Аллоҳ сизлар билан Ислом динига қувват берди. Ансорлардан эллик кишини танлаб ол. Уларни (яъни, раҳбар сайлайдиган ҳайъат аъзоларини) ҳимоя қил. Ҳеч бирини раҳбар тайинланмагунча қўйиб юборма.

Кейин Миқдодга юзландилар:

— Микдод, мени дафн қилиб бўлишгач, бу одамларни бир уйга кирит ва эшикда пойлоқчилик қил.

Сўнгра яна Абу Талҳа билан Миқдодга тайинладилар:

— Булардан бештаси бир бўлиб, бошқаси қарши чиқади. Агар келишолмай тураверишса, у қарши чиққанни ўлдиринг. Тўрт киши бир бўлиб, иккитаси қарши чиқса, у иккитани ўлдиринг. Учга уч бўлиб ажралсалар, ўғлим Абдуллоҳнинг фикрини олинг. Агар Абдуллоҳнинг ҳукмига рози бўлмаса, Абдураҳмон ибн Авфнинг фикрини олинг. У ён берган тараф ғолиб деб тан олинсин. Халқ, бу гуруҳни қабул этса-да, у уч киши қарши турса, уларни ўлдиринг.

Шу билан суҳбат тугади. Ҳамма ташқарига чиқди. Ҳазрати Али амакилари Аббосга дуч келдилар.

— Ҳаммаси тамом.

— Каердан билдинг?

— Усмон билан мени алоҳида ажратиб айтдилар. Кейин:

"Кўпчиликнинг фикрига бўйсунинг. Агар икки киши бир одамни, яна икки киши бошқа одамни танласа, Абдураҳмон ён босган одамни танланг", дедилар. Саъд амакиваччаси Абдураҳмонга қарши чиқмайди. Абдураҳмон эса Усмоннинг куёвидир (Уқба ибн Муайтнинг қизи Умму Гулсум Абдураҳмоннинг хотини. Усмон эса Умму Гулсумнинг эмикдош акаси). Ёки Усмон Абдураҳмонни сайлашга ҳаракат қилади. Қолган икки киши кимни танласа ҳам, фарқи йўқ,.

Буларни гапираётиб Абу Талҳа ёнларида турганини сезиб қолди. Ҳазрати Алига бу нарса ёқмади. Лекин Абу Талҳа кутилмаганда:

— Мен сен тарафман, Абул Ҳасан, ҳавотир олма, — деди.

 

* * *

 

Ҳазрати Умарнинг аҳволлари тобора оғирлашарди. Суиқасд уюштирилгандан бери ўтган уч кун Ҳазрати Умар учун жуда қийин кечди. Уч кун ичида мумдек эриб, ўринларидан туролмайдиган аҳволга тушиб қолдилар. Ўлим яқинлашиши қандай эканини ҳис қилаётган эдилар.

Бироқ Ҳазрати Умар ўлимдан қўрқмасдилар. Ҳар бир одам бир кун келиб ўлади, ўлимни қайтара олишга имкон йўқ, экан, ўлимдан қўрқиш маънисиздир. Ўлим бор-йўғи фоний дунё билан бақо оламига кўприк, холос. Одам алайҳиссаломнинг ҳар бир фарзанди бу кўприкдан ўтган, қанчадан қанча абу бакрлар, қанчадан қанча абу жаҳллар кўприкнинг нариги тарафига ўтиб кетишди. Энг асосийси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ўша тарафдалар.

Имом Умарни қўрқитаётган нарса у тарафда унга қандай жой ҳозирлаб қўйилгани эди. Агар Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ёнларидан жой ололмаса, "Шу ерда ўтир, Ҳаттобнинг ўғли!" дейилса, ҳақиқий мусибат ана шу бўлади.

Ҳазрати Умар умр бўйи шу ҳадик билан яшади. У киши Қуръондаги: "Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингизда (ҳаёт кечириб, мусулмон бўлган ҳолларингизда) дунёдан ўтинглар" (Оли Имрон, 102), оятини қайта-қайта ўқиб, шу оятни унутиб қўйишдан қўрқиб яшадилар.

Буюк ва Одил амир тинимсиз: "Қалбларни ўгириб-айлантириб ташлаш қудратининг соҳиби бўлган Аллоҳ қалбимни динингда мустаҳкам қил!" дея дуо қиларди. Зеро, Умму Салама Расулуллоҳ алайҳиссаломдан шу дуони кўп эшитган эканлар.

Ҳазрати Умарнинг узукларида бор-йўғи уч дона сўз бор эди: "Кафакал мавту ваъизан" (Ўлим сенга етарли насиҳатдир). Ҳа, Ҳазрати Умар ўлимни унутишни истамадилар. Чунки Аллоҳ ўз каломида шундай деган: "Ва (барчангиз) Аллоҳга қайтариладиган Кундан қўрқингиз! Сўнгра ҳар бир жонга қилган амали учун тўла жазо берилади ва ҳеч кимга зулм қилинмайди" (Бақара, 281). Бир тарафдан Аллоҳнинг чексиз раҳматидан умид, бошқа тарафдан тасаввур қилиб бўлмайдиган азобдан қўрқув Ҳазрати Умарни шунчалик чулғаб олган эдики, "Фақатгина бир киши жаннатга киради", дейилса, "Ўша мен эмасмиканман", деган умид билан, "Фақат бир киши дўзахга тушади", дейилганда, "Ўша мен бўлишим мумкин", деган қўрқув билан яшадилар.

Мана шу қўрқув ва умид Ҳазрати Умарни йўлнинг ўртасида ушлаб, ажойиб якунга ишончли одимлар билан қадам босиш имконини берди.

 

* * *

 

Охиргилардан бўлиб кирган Амр ибн Рабиъа Ҳазрати Умарнинг ердан сомон чўпи олганини кўрди:

— Кошки, сомон чўпи бўлсайдим, кошки, дунёга келмасайдим, кошки, онам мени туғмаган бўлсайди, кошки, ҳеч нарса бўлмасайдим, кошки, номи каби ўзи унутилиб кетадиган инсон бўлсайдим.

Буларни айтар экан, Ҳазрати Умарнинг кўзларидан шошқатор ёшлар тўкиларди.

Мана, ҳаёт шамлари сўнмоқда. Манзил кўриниб, олтмиш уч йиллик ҳаётнинг тугашига озгина вақт қолди. Ҳазрати Умар оҳиста-оҳиста: "Гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ! Муҳаммад Унинг бандаси ва расулидир", дея бошладилар... Ниҳоят, ҳижрий 23 йил муҳаррам ойининг илк куни Ислом оламининг қуёши, иймон ва ирфон қуёши боқий олам томон йўлга чиқди. Вафот этган зот оддий инсон эмасди. У ўзга бир олам эди. Унга ўхшашининг яна келиши даргумон, ҳақ ва адолатнинг жонли тимсоли Умар энди бу оламда йўқ. У ҳаётининг сўнгги нафасини чиқарганида бутун Ислом олами етим қолгандек эди. Унинг дунёни тўлдирган адолати қиёматгача инсоният хотирасида яшайди. Шубҳасиз, унинг азиз руҳи суюкли дўстлари Расули Амин алайҳиссалом ва Ҳазрати Абу Бакрнинг ёнларига учган эди.

 

* * *

 

Ҳазрати Умар ювилиб, кафанландилар. У кишини ким ювгани ҳақида маълумотимиз йўқ.

Елкаларга олинган буюк Имом, бетакрор раҳбар масжидга олиб борилди. Жанозани ўқиш учун икки киши олдинга чиқди. Улар Усмон ибн Аффон билан Али ибн Абу Толиб эди. Ҳар иккови ҳам намозни ўқишни истарди.

Шу пайт Абдураҳмон уларнинг ёнига келди.

— Икковингиз ҳам сафга туринг, — деди, сўнг Ҳазрати Умарга ишора қилди: — Бу киши уч кунгача Суҳайб имомлик қилсин, деганлар. Ҳозир имомлик унинг ҳаққидир.

Ҳеч ким эътироз билдирмади. Суҳайб чиқиб, тўрт такбир билан жанозани ўқиди. Шу пайт Абдуллоҳ ибн Салом етиб келди ва:

— Валлоҳи, мендан аввал намоз ўқидингиз, энди мендан аввал гапирмайсиз, — деди. Тобут ёнига келиб, гапира бошлади:

— Сен яхши мусулмон дўст эдинг, Умар! Ҳар қандай нарсани ҳақ йўлда қурбон қилолган сахий, ҳеч бир нарсани ботилга сарфламаган бахил эдинг. Рози бўлиш керак ерда рози бўлдинг. Жаҳл чиқиб, аччиқланиш керак жойда ғазабландинг. Кўзларингни иффат пардаси билан тўсган эдинг. Ҳалол бўлмаганга қиё ҳам боқмадинг. Бировни ортиқча мақтамаган, ортидан ғийбат қилмаган инсон бўлиб қоласан қалбимизда, Умар!

У шундай деб, бир чеккага ўтди.

Навбат Ҳазрати Алига келди:

— Худо ҳаққи, мен шу одамнинг амал дафтари билан Аллоҳнинг ҳузурига боришни истардим. Бу одамнинг дафтари билан дафтари тенг келадиган одам бугун бу ёруғ оламда йўқ.

Абдуллоҳ ибн Масъуд Ҳазрати Умарга бўлган ҳурмат ва муҳаббатини изҳор қиларкан:

— Валлоҳи, Умарнинг бир кучукни яхши кўришини билсам, ўша итни мен ҳам яхши кўрардим, — деди.

Яна елкаларга ортилган тобут Ҳазрати Оишанинг уйларига келтирилди. Абдуллоҳ ибн Умар Ҳазрати Оишага мурожаат қилди:

— Мўминлар онаси, Умар келди. У мўминлар амири эмас, Умар ибн Ҳаттоб сифатида сиздан изн сўраяпти, рухсат берсангиз, шу ерга дафн қиламиз. Майлими?

Ичкаридан кўзларининг ёшини артиб чиққан Ҳазрати Оиша:

— Марҳамат... Марҳамат... — деди ва Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг хоналарига кириб кетди. Жамоат ҳурмат билан тобутни ерга қўйди.

Ичкарида иккита қабр бор эди. Қибла тарафда пайғамбарларнинг энг буюги, ёнида эса пайғамбар бўлмаганларнинг энг буюги ётарди. Учинчи қабрга адолат қуёшининг жасади қўйилади.

Ҳазрати Абу Бакрнинг бошлари Пайғамбар алайҳиссаломнинг елкалари билан баробар қўйилган эди. Учинчи қабр қазила бошланди. Қазиб бўлингач, лаҳадга Ҳазрати Усмон, Али, Зубайр, Абдураҳмон, Саъд ва Абдуллоҳ ибн Умарлар тушишди. Ҳурмат билан қўлга олинган жасад ҳурмат билан ерга қўйилди. Ҳазрати Умарнинг бошлари Ҳазрати Абу Бакрнинг кўкслари билан баробар бўлди. Бир оздан кейин устларига тупроқ тортилади ва бу муборак хонада уч қадрдон дўст ўзлари қолишади.

 

* * *

 

Ҳазрати Умар қабрга қўйилгач, нам кўз ва маҳзун кўнгиллар билан одамлар тарқалишди. Миқдод ибн Асвад олти кишини тўхтатди:

— Қани, кетдик. Ишни ҳал қилиб олайлик, — деди Миқдод.

Улар Усмон ибн Аффон, Али ибн Абу Толиб, Абдураҳмон ибн Авф, Зубайр ибн Аввом, Саъд ибн Абу Ваққос ва Абдуллоҳ ибн Умарлар эди.

Мисвар ибн Маҳраманинг уйига келишди.

— Сизлар раҳбарни сайлайсиз! Мен эса шу ерда сизларни кутиб ўтираман.

Талҳа ҳали келмаган эди.

Абдуллоҳ ибн Умарнинг сайлаш ва сайланиш ҳаққи йўқ эди. Фақат эшитиб ўтиради ва уларни кузатади. Икки тараф баробар бўлиб қолса, уларга қўшилиб, Абдураҳмон турган тарафга ён босади.

 

* * *

 

Олти киши Мисварнинг уйига қадам ранжида қиларкан, бир йигитча тез-тез юриб, Ҳазрати Умарнинг уйларига кирди. Ичкарида кўп қолмай, қайтиб чиқди. Унинг кийимлари остида қилич борлигини билиш қийин эмасди.

Йигитча тўғри Хурмузоннинг олдига борди. Бир зарба билан уни ерга жонсиз қулатди. Кейин бошқа уйга йўналди. Жуфайнани топди. Бир дақиқадан кейин у ҳам нариги дунёга йўл олди. Бояқишнинг боши танасидан жудо қилинган эди.

Йигитча Ҳазрати Умарнинг ўғли Убайдуллоҳ эди. Отасига қилинган суиқасд уч кишининг ўртасида пишитилганини биларди. Шунинг учун тирик қолган иккисини ҳам ўлдириб, қасосини олди.

 

* * *

 

Ҳазрати Умар чек-чегарасиз раҳмат уммонига чўмган эдилар. Энди ёнларида: "(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), дарҳақиқат, Биз сизни барча оламларга фақат раҳмат (яъни, Аллоҳнинг раҳмати - жаннатига етаклагувчи) қилиб юбордик" (Анбиё, 107), дея таърифланган буюклар буюги Пайғамбаримиз алайҳиссалом бўладилар. Ҳазрати Умар Расулуллоҳни жонларидан ортиқ яхши кўрганларининг мукофотини оладилар. Зеро, иймон келтирганларидан кейин қалбини фақат Аллоҳ ва Расулининг муҳаббати билан тўлдирган, шу муҳаббатга зид ҳеч бир ҳис ёки севги унинг кўнглига йул тополмаган эди.

Ҳаётида энг кўп севган, энг кўп бирга бўлган дўстлари билан ҳамроҳ бўлиш бахтига абадий эгалик қилажаклар. Эртага илоҳий маҳкамага ёнма-ён кириб борадиган бу уч дўст биздан ҳеч нарса кутишмаса керак. Лекин орадан ўн тўрт аср ўтганига қарамай, уларни севиш бахтига муяссар булганларни Аллоҳ кечиришига ишонамиз. "Инсон яхши кўргани билан бирга бўлади", деган Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг муждалари қалбида мана шу уч буюкка чексиз муҳаббати борлар учун илоҳий раҳматнинг ифорини келтиради. Аллоҳим, уларни севганларни улардан айирма. Сен ҳар нарсага қодир зотсан!

Аллоҳумма солли ала Муҳаммадин ва ала Аби Бакрин ва Умара ила йавмиддин!

Омин!


Qayd etilgan


AbdulAziz  01 Mart 2010, 10:26:56

Сўнгсўз

Ҳазрати Умар жаҳли тез инсон эдилар. Лекин у кишини бунда айблай олмаймиз.

"Биз қабул қилган дин сенинг динингдан афзал", дея олган куёви Саид ибн Зайдни дўппослаганларида ва унга ёрдам беришга шошилган синглиси Фотиманинг оғзи-бурнини қон қилганларида ўша жаҳл яққол намоён бўлган эди.

Расулуллоҳнинг ҳузурларида ёқимсиз воқеа содир бўлган замон, асаблари таранглашиб: "Изн беринг, калласини олай", деган ҳам ўша Ҳазратимиз Умардир.

Абу Бакр ўлим тўшагида эканлар, Талҳанинг югуриб келиб: "Сиз Умарнинг қандайлигини била туриб, уни халифа этиб тайинлаяпсиз, Аллоҳга нима деб жавоб берасиз?" дейишга ундаган нарса ҳам Ҳазрати Умардаги ўша қаҳр ва ғазаб эди. Лекин Умар розияллоҳу анҳу амир сифатида илк бор жума хутбасини ўқишга чиққанларида, сўзларини қуйидаги дуолар билан бошлаган эдилар: "Аллоҳим, мен қаҳри қаттиқ инсонман. Сенга бўйсунганларга нисбатан мени юмшоқ табиатли, адолатли қил. Қаҳрим ва қаттиққўллигимни зулмга айлантирмай, душманларинг, фитна-фасодчилар ва мунофиқларга йўналтир".

Бир инсон табиатан юмшоқ бўлса, бошқаларга нисбатан ўзи истаса ҳам, қаттиққўллик қила олмайди. Одамлар уни яхши инсон деб қабул қилишади. Бундай инсон мақтовга лойиқ.

Лекин ҳақиқий мақтовга қаҳри қаттиқлигига қарамай, асабларини жиловлай олган одам сазовордир.

Ҳазрати Умар қалбидаги Аллоҳ ва Расулига бўлган чексиз муҳаббат ва юксак эҳтиром билан лиммо-лим эди. Агар шу муҳаббат ва эҳтиром бўлмаганида минглаб чақирим ҳудудга чўзилган улкан давлатнинг якка ҳокими бўлиш ғурури туфайли у золим ва қонхўр раҳбарга айланиши мумкин эди. Лекин ўша муҳаббат ва эҳтиром унинг қаҳру ғазабини ҳақ ва адолатга бош эгдирди.

Отининг ахлатида арпа донларини кўриб: "Мўминлар очликдан қийналаётган бир пайтда, сен арпа еяпсанми?" деб, отга бериладиган арпани бир камбағал оиланинг дастурхонига тортиқ қилишга Умарни ундаган нарса ҳам муҳаббат ва эҳтиромдир.

Аллоҳ ва Расулига бўлган муҳаббат ва буюк эҳтиром қаҳру ғазаб билан қоришиб, у зотни адолат тожи қилиб кўтарди...

Кийиниши, еб-ичиши билан ёнидаги инсонлардан ажралиб турмаган, лекин ҳақ ва адолатга содиқлиги билан одамлар қалбини забт этган Ҳазрати Умар ҳақларидаги рисоламиз китобхонларга манзур бўлди деган умиддамиз.

Аллоҳ у зотдан рози бўлсин.

Муаллиф


Qayd etilgan