* * *
Барча ишларни битиргач, Ҳазрати Умар отига миниб, дўстларн ҳамроҳлигида Мадинага равона бўлди. Халифа келаётганда ҳам, қайтаётганда ҳам буюк Парвардигор мададини ҳис қилиб турди. Йўлда тўхталган шаҳар ва қишлоқларда кутиб олиш маросимларича, зиёфат ва дастурхон ёзишларга рухсат бермади. Фақатгана халталаридаги хурмодан ер, мешдан сув ичиб, шукр қилиб борар эди. Иссиқда дам олинди, вақтида намоз ўқилди, кўп Қуръон тиловат кнлинди. Шундай қилиб, Ҳазрати Умарнинг Шомга сафари икки ойдан ошиқроқ давом этди.
* * *
Сурия деярли бутунлай фатҳ этилди. Энди бу ерларни ғозийлар ўртасида тақсимлаш қолган эди, холос. Кўпчилик ҳар кимга маълум миқдорда ер ажратилиши тарафдори эди. Абу Убайданинг фикри бошқачароқ бўлди. Бундан ташқари, у аввал бу борада Ҳазрати Умардан маслаҳат сўраб, унинг амрига кўра иш юритишни афзар билди.
Ҳазрати Умар саҳобаларни тўплаб, уларнинг фикрларини сўради. Баъзилар Суриядагилар каби йўл тутишни маъқул эканини билдирди. Аммо Умар рози бўлмади.
— Агар у ерларки ерлик халқ билан мусулмонларга бўлиб берсак, биздан кейингиларга ҳеч нарса қолмайди. Бугун у ерларга эгалик қилганлар аҳолини ҳам қул қилиб олади. Кейин уларнинг авлодлари ҳам қулга айланади. Бунга эса, мен йўл қўймайман. Абу Убайда уларга жизя, мол-мулкига хирож солсин. Мусулмонлар адолатсизлик қилиб зарар етказмасинлар. Зиммийларга шартномага мувофиқ муомала қилинсин.
Шундан кейин Исломни қабул қилмаганларга йилда бир маротаба шаҳар ташқарисида «хоч чиқариш ойини» нишонлашга изн берилди. Лекин бу байрам-маросимларни шаҳар ичида ва масжидларда ўтказиш тақиқланди.
Химс шаҳри
Ҳазрати Умар Мадинага қайтганлардан кейин Абу Убайда билан Холиб ибн Валид Химс шаҳрини қамал қилдилар. Химсликлар жанг қилишни истамай, қоя ичига бекинди. Сал аввал Химсга Ҳирақлнинг элчиси келган эди. Рум амири уларга таслим бўлмасликни маслаҳат берди: «Араблар туя этини еб, сутини ичиб юрган ялангоёқ, одамлар тўдасидир. Улар билан совуқ тушганда урушинглар, бунга чидолмайдилар».
Химсликлар унинг маслаҳатига қулоқ солиб, кишгача кутишди. Ҳаво қаттиқ совиганда, қалъадан чиқиб жанг ҳам қилишди.
Мусулмонлар шу пайтгача бунақанги совуқни кўрмаган эдилар. Аллоҳ уларга сабр бериб, охиригача чидадилар.
Аҳволни кўрган химслик бир мўйсафид шаҳар катталарининг олдига чиқди.
— Мана, киш ҳам ўтди, умидларимиз сўнди. Сулҳ тузишингиз учун яна қандай воқеалар содир бўлиши керак?
Улар чол билан роса тортишишди.
— Менга қаранглар. Булар илоҳий ёрдам оладиган қавмга ўхшайди. Ҳар ҳолда ҳамма нарсани йўқотиб, сўнг асир тушгандан кўра, ўлпон тўлаб тинч яшаган маъқул. Караб туринглар, менинг айтганларим бўлади. Хор бўлиб, ҳурматингизни йўқотмасдан олдин сулҳга рози бўлинглар.
Дарҳол чолнинг оғзига уришди:
— Яхшиликча бу ердан кет. Бир чеккада турсанг, шу сенга яхшироқ.
— Ўзи бирон нарсани билмасанг. Ҳарб ишини биладиганларга қўйиб бер.
Мўйсафид индамади. Лекин охирги кунлардаги воқеалар унинг айтганлари тўғри чиқишидан дарак берарди. Жанг қилишни «яхши биладиган» инсонларнинг ичига ғулғула тушиб қолди ва мўйсафиднинг айтганлари тўғри эканини англашди. Энг мақбул йўл сулҳ тузиш эди. Ҳоким элчи орқали сулҳга рози эканини билдирди, мол-мулклар ва уйларга тегмасликларини илтимос қилди.
Қуддусликлар билан имзолаган айни шартнома химсликлар билан ҳам имзоланди. Унга кўра бой ҳам, камбағал ҳам имкониятидан келиб чиқиб, ўлпон тўлайдиган, бундан ташқари, ердан олинадиган ҳосилга қараб солиқ олинадиган бўлди. Мусулмонлар эса шаҳарни ташқи ҳужумлардан ҳимоя қилишни, ичкарисида тинчлик-хотиржамлик ва хавфсизлик ишларини таъминлашни бўйинларига олдилар.
Йиғилган ўлпон бешга бўлинди. Ибн Масъуд бу хушхабарни маълум қилиш ва ўлжанинг тегишли қисмини етказиш мақсадида Мадинага йўл олди. Кейин Иордания ва бошқа жойлар ҳам шу таҳлит забт этилди.
Сурияга лашкар бош қўмондони сифатида жўнатилган Абу Убайда ибн Жарроҳни кўрганлар уни шу лавозим эгаси, деб ҳаёлларига ҳам келтирмасди. Яшайдиган уйи, киядиган кийими, қўлидаги қуроли ва миниб олган улови оддий одамникидан фарқ қилмасди.
У кишига:
— Сиз амирул мўминин тарафидан тайинланган волий ва лашкарбошисиз. Шунинг учун дурустроқ кийинсангиз бўларди, — дейишди.
Шу пайтгача халқ волийларнинг қимматбаҳо, ипакдан тикилган жиякли кийимлар кийиб юришига кўникиб қолган эди. Ҳатто баъзилари миниб олган уловларининг ёпинчиқларини ҳам махсус буюртма асосида тиктирарди. Ана ўша ёпинчиқлар ҳам Абу Убайданинг кийимидан бир неча баробар киммат турарди. Агар у киши оддий халқ билан ёнма-ён турса, ким волий эканини ажратиб олиш мушкул эди. Шунга қарамай, Абу Убайда уларнинг гапларига унамади:
— Мен Расулуллоҳ ҳаётлик чоғларида кийган кийимимни ўзгартирмоқчи эмасман.
У киши ҳақида: «Бу одам уммати муҳаммадиянинг аминидир», дейишарди. Абу Убайда Парвардигорнинг «Энг яхши либос тақво либосидир», деган каломида айтилган маънавий либос соҳиби эдики, уни бутун дунё матоҳига алишмасди. У кишининг фикрлаш тарзи, муомаласи, инсонларга бўлган мухаббати, ҳақ ва адолатга содиқлиги, Аллоҳга ишончи, эътиқоди ва севгиси ўзгача қиёфада эди. Тушунганлар учун у кишининг эгнидаги жуббадан афзал кийим йўқ эди.
* * *
Холид ибн Валид Киннасрага йўл олди. Йўлда Минас бошчилигидаги лашкарга дуч келди. У Ҳираклдан кейин румликларнинг энг қудратли лашкарбошиси эди. Ходирда юз берган олишув Холид ибн Валиднинг Минасни ўлдириши билан тугади. Рум лашкари эса қочди. Одатдагидек, кўлга киритилган ўлжанинг бешдан бири Мадинага жўнатилди...
Одамлар Ҳазрати Умарнинг шундай деганига гувоҳ бўлдилар:
— Холид ўз куч-қуввати билан амирлик ва қўмондонлик даражасига эришди. Аллоҳ Абу Бакрни раҳмат қилсин, у инсонларни мендан яхши биларди. Мен Холидга бўлган ишончсизлик туфайли уни вазифасидан озод қилганим йўқ эди. Одамлар уни улуғлаб юборадилар, ғалабага етаклаган Аллоҳ бўлатуриб, Холид зафар қозонди, деб ўйлаб қоладилар, деб қўрқдим...
Холид ибн Валид йўлда давом этиб, Киннасрага етиб келди ва шаҳарга элчи жўнатди. Элчи қалъа қўмондонига:
— Осмонда бўлсанг ҳам, Аллоҳ бизни сизларга етказади ёки сизларни пастга тушириб ёнимизга келтириб кўяди. Биздан қочиб кутуламиз, деб ҳаёлингизга ҳам келтирманг. Яхшилаб ўйлаб, жавоб беринг.
Бу гаплар шунчаки қўрқитиш учун айтилмаётганини қўмондонлар яхши англаб турарди, зеро, атрофда содир бўлаётган воқеалардан улар ҳам бохабар эдилар. Катта куч ва қудратга эга бўлган бу лашкарга манаман деган давлат қўшинлари бас келолмади-ку, киннасраликларга йўл бўлсин. Одамлар ўлиб, хотинлари тул қолиб, болалар етим бўлиб, кейин рақибга таслим бўлгандан кўра, Қуддус ва Химс аҳли каби сулҳ шартномасини тузиш мақбулроқ эди. Элчига қарор етказилди ва ўртада шартнома тузилди.
Муовия ибн Абу Суфён эса, марказдан келган амрга биноан Қайсария тарафга юриб, Ғазза шаҳрини ҳам забт этди. Қайсарияда Муовиянинг ўзи волий бўлиб қолди.
Химс атрофларида
Ҳижрий 17 йили Жазира (Шимолий Ироқ) халқи мусулмонларга қарши чиқмоқчи бўлдилар. Улар бу қарорларини, аввало, Рум императори Ҳирақлга етказдилар. Вакил жўнатиб: «Бирлашиб ҳаракат қилсак, мусулмонларни бу ердан ҳайдаб чиқаришимиз мумкин», дедилар.
Кетма-кет мағлубият гирдобида қолган Ҳирақл қасос ўтида ёнарди. Ироқликлар таклифини бажону дил қабул қилди. Бундан хабардор бўлган Абу Убайда Ҳазрати Умарга одам жўнатиб, барча лашкарбошиларни тўплади ва уларга маслаҳат солди. Холид ибн Валид рақиб билан юзма-юз олишувни таклиф кдлган бўлса, қолганлар Химс қалъасига кириб, Ҳазрати Умардан хабар келгунига қадар ҳимояланиб туришни маъқулладилар. Абу Убайда кўпчиликнинг фикрини қабул қилди.
Ҳазрати Умар мактубни олгани захоти Куфага нома жўнатди. Унда Қаъқа ибн Амр дарҳол йўлга чиқиб, Абу Убайда ихтиёрига етиб бориши буюрилган эди. Буйруқ бажарилиб, Қаъқа тўрт минг кишилик қўшин билан йўлга чиқди. Ўша мактубда яна Сухайл ибн Адийнинг Раққога, Абдуллоҳ ибн Утбанинг Насибий, Харрон ва Раҳо тарафларга, Валид ибн Уқбанинг эса Жазирадаги Рабия қабиласи яшайдиган жойга қараб юриши амр қилинган эди. Иёз ибн Ғанам ҳам ўша тарафга ҳаракат қилиш ҳақида буйруқ олди. Юқорида номлари зикр қилинганлар тўпланиб, жангга киришишса, Иёз ибн Ғанам қўшинга бош бўлиши керак эди.
Кейинроқ Ҳазрати Умарнинг ўзи уч минг кишилик қўшинни олиб, Сурия тарафга йўлга чиқди. Жазираликлардан қўлига қурол ушлай оладиганлари мақсадларини амалга ошириш ва асли ўзларига тегишли бўлган Химсни қайтариб олиш учун ҳаракатга тушдилар. Улар Химс атрофида турган румликларнинг ёнидан жой олдилар.
Лекин бу юриш уларга хурсандчилик олиб келмади. Чунки олинган хабарларга кўра, Куфа тарафдан келиб, тўрт йўналиш бўиича ҳаракатланаётган мусулмонлар турли шаҳарларга етиб олган эди. Химсни қайта кўлга киритмоқчи бўлган жазираликлар режалари хом ҳаёл бўлиб чиққанини тушиниб етди. Энди улар олдида Жазирадан ҳам айрилиб қолиш хавфи турарди.
Мусулмонларнинг Куфа тарафдан ҳужум қилишлари кутилмаганда содир бўлиб, ундан ғофил қолдилар. Нима қилишини билмай қолган жазираликларга бу ерларда тургандан кўра, ўз юртларини мудофаа қилиш афзалроқ эди.
Жазираликлар юртларига қайтиб кетишгач, Абу Убайда яна бир бор Холид ибн Валиддан фикрини сўради. Холид ўша жавобини такрорларди. Бош қўмондон бу сафар Холиднинг фикрини инобатга олди.
Абу Убайда ҳазинабонни чақириб, Химс аҳолисидан йиғиб олинган жизяни борича келтиришни буюрди. Шаҳар катталари ва дин пешворларини ҳузурларига чорлади ва жазираликларнинг рум аскарлари билан иттифоқчилик қилаётганларини айтиб берди, сўнг:
— Уруш давом этаркан, сизни ҳимоя қила олмаймиз. Бундай шароитда сизлардан олган солиқларимиз ҳалол бўлмайди. Биз шаҳарни тарк этяпмиз. Сизлар эса, берган солиқларингизни санаб олинглар, тўлиқ эканига ишончингиз комил бўлсин.
Қўмондоннинг сўзлари одамларни ҳайратга солди. Кечагина «оч араблар» дейилаётган инсонларни бундай адолатли ишга ундаган янги динлари бўлса керак. Бугунгача ҳеч ерда тўланган солиқ қайтариб берилмаган. Бу одамлар ҳатто шаҳарни ёқиб, вайрон қилиб чиқиб кетсалар ҳам бўларди-ку!
Ҳақиқатан ҳам, мусулмонларнинг шаҳарликларга қилаётган муомаласи олқишга сазовор эди.
Улардан бири:
— Биз Химс аҳли сизлардан розимиз, амир. Жангда ғолиб чиқишингизни ва яна биз билан бирга бўлишингизни истаймиз. Сизлар учун дуо қилиб турамиз. Ўрнингизда улар бўлганида бу ерни ҳароб қилмасдан кетмасдилар, — деди.
Кейин пуллар қайтариб берилди. Мусулмонлар вақтни бой бермай, шаҳарни тарк этдилар.
Жангда яккаланиб қолган румликлар, ортиқча қаршилик кўрсатолмай, мағлуб бўлдилар. Ғалабанинг тўртинчи куни Каъқа ҳам етиб келди. Ҳазрати Умар эса, Химсдан келаётган хабарчини учратганида Жабияга етган эди. Хабарчи халифага румликлар устидан ғалаба қозонилганини ва Қаъқанинг етиб келганини айтди. Буни эшитган Ҳазрати Умар у ерларга бориш шарт эмаслигини тушуниб, ортга — Мадинага қайтди. Қайтаётганида хабарчидан мактуб жўнатиб юборди. Унда ўлжага Қаъқа ва у билан келган тўрт минг кишининг шерик бўлиши буюрилган эди. Ҳазрати Умар: «Аллоҳ Куфа халқини яхшилик билан мукофотласин. Ҳам ўзларининг ҳам бошқа шаҳарларнинг ҳимоясига шошиладилар», деди.
Қаъқа яна Куфага қайтди. Асосий қўшин эса Химсга йўл олди. Химсликлар мусулмонларни қандай қарши олишлари қизиқ эди. Лашкар шаҳарга яқинлашганда, химсликлар уларни кутиб олиш учун тайёргарлик кўриб қўйишган экан. Юзларида табассум балқиб турар, кўзларида эса, хурсандлик ва мамнунлик аломатлари зоҳир эди.
Ускўп (епископ) лашкарбоши ҳузурига келди.
— Хуш келибсиз! Биз эски шартномага кўра, яна сизнинг ҳимоянгиз остида яшашга розимиз, шунинг учун бу ерга йиғилдик. Мана бу кетаётганингизда қайтариб берган пуллар. Қандоқ бўлса, шундай турибди.
Ҳар икки тараф хурсанд эди. Айни дамда Ислом адолати ва бу адолатнинг мусулмон бўлмаган юртдаги меваларини кўриш мумкин эди.
Ўз ерларида ўзлари истагандек яшолмаётган Жазира халқи кутилмаганда Ислом лашкарларига дуч келиб қолгандан кейин иш осон кўчмаслигини англаб етди ва сулҳга рози бўлди. Шартномага кўра, сулҳга қўшилганларга уруш очилмасди. Шу тариқа Раққо ва Насибин ўлкалари бир томчи қон тўкмасдан фатҳ этилиб, чегара Ҳарронгача етиб борди. Фақат Иёз ибн Низоро ўғиллари сулҳга кўнмай, Рум тарафларга кўчиб кетди. Бундан хабар топган Ҳазрати Умар Рум императорига мактуб йўллаб, шундай деди: «Араб қабиларидан бири Румга кўчиб ўтибди, деб эшитдим. Уларни ортга қайтар, йўқса, юртимиздаги насронийларни ҳайдаб, сенинг мамлакатингга кўчиб боришларига мажбур қиламан».
Иёз қабиласидан тўрт минг киши ватанига қайтиб кетди. Қолганлари қочди. Валид ибн Уқба уларнинг Исломга киришидан бошқасини истамади. Ҳазрати Умар болаларни насроний қилиб ўстирмаслик ва Исломни қабул қилганларга дахл этмаслик шарти билангина сулҳ тузишга рухсат берди. Лекин Валиднинг қаттиққўллиги туфайли Тағлиб қабиласининг исён кўтариши мумкинлигани ўйлаб, унинг ўрнига Фурот ибн Ҳайён билан Ҳинд ибн Амрни тайинлади. (Ибн Асир, «Ал-комил».)
* * *
Ҳазрати Умар Саъд ибн Абу Ваққосга хат жўнатиб, Холид ибн Урфут ё Ҳошим ибн Утба ёки Утба ибн Ғазвондан бирини бош қилиб, Жазира ва бошқа ерларга юборишни буюрди.
Ҳошим Саъднинг жияни эди, лекин қўмондон Иёз ибн Ғанам бўлди. Қўшин йўлга чиқди. Сафда Басра волийи Абу Мусо ва Саъд ибн Абу Ваққоснинг ўғли Умар ҳам бор эди. Умар бош қўмондоннинг ўғли эканига қарамай, оддий аскар эди.
Саъд Ҳазрати Умарга ёзган жавоб хатида: «Амирул мўминин, Иёзни қўмондонликка интилгани учун энг охири тилга олган экансиз. Лекин мен уни бошлиқ қилиб тайинладим», деб ёзди.
Иёз аввал Раҳога, кейин Ҳарронга етиб олди. Абу Мусони Насибинга жўнатди. Ўзи Дорсони забт этди. Кейинчалик Ислом давлати Иёзнинг саъй-ҳаракатлари билан Мардин, Битлис, Арзинжон ва уларнинг атрофлари эвазига кенгайди. Сўнгра Усмон ибн Абул Ос бошлиқ бир гуруҳ аскарларни Арманистонга йўллади. Икки ўртадаги тўқнашувдан кейин арманлар сулҳ тузишни таклиф қилишди. Усмон рози бўлди. Келишувга кўра ҳар оиладан йилига бир динор ўлпон олинадиган бўлди. (Ибн Касир, «Ал-бидоя»)
Арманлар билан бўлган жангда Сафвон ибн Муаттал шаҳид кетди. (Ибн Асир, «Ал-комил»)
Сафвоннинг мусулмонлар орасида ўзига яраша обрў-эътибори бор эди. Мурайси ғазотидан қайтишаётганда Оиша онамизни ухлаган ҳолда учратиб, одамларга етказган, натижада мунофиқларнинг гап-сўзига кишан бўлган эди. Нур сурасидаги 10-оят шу воқеага бағишланиб, Оиша онамизнинг ҳам, Сафвоннинг ҳам покизаликлари исботланди. Ачинарлиси, мунофиқлар уюштирган бу фитнага баъзи мусулмонлар ҳам қўшилиб қолди. Сафвон ўша куни жуда хунук туҳматга дучор бўлган. Лекин унинг иффат ва номусига Аллоҳнинг ўзи гувоҳлик берди. Шундай инсоннинг арман тупроғида шаҳид кетишини ким ҳам ўйлабди дейсиз?
* * *
Бир куни Холид ибн Валид ҳаммомга кирмоқчи бўлди. Озгина шароб олиб, унга туз кўшди. Кейин унга сув қўшиб, баданини ишқалаб ювди.
Одамлар хабар топганидан кейин бу иш овоза бўлиб кетди, ҳатто Мадинага ҳам етиб борди. Ҳазрати Умар дарҳол мактуб ёзди: «Менга маълум бўлишича, баданингни шароб билан ювибсан. Аллоҳ шаробдан умуман фойдаланишни тақиқлаган. Сен ҳам бунга риоя қил!»
Холид ҳам халифага жавоб хати ёзиб, шундай деди: «Шаробни туз қўшиб ўлдирдим. Ундан фойдаланганимда шароб бўлмай қолган эди. Бор-йўғи ювиниш учун сув эди, холос».
Ҳазрати Умарга унинг жавоби ёқмади: «Ўзи Муғиранинг ўғиллари қўрс ва қўпол табиатли одамлардир. Аллоҳ бу табиатингизни ўзгартирмасдан ўлдирмасин», деб ёзиб юборди. (Ибн Асир, «Ал-комил»)
Ҳазрати Умарнинг ўзи ҳам қўпол эди. Мусулмонлар олдида қилган илк маърузаларида ҳам, мен қўпол одамман, деб бошлаб, мўминларга юмшоқроқ бўлишни сўраб дуо қилган эди.
Холидга билдирилган тилаклари ҳам яхши эди. Лекин Холиднинг шароб ичмаслигини ҳам биларди. Зотан, айнан шу Сайфуллоҳ бир пайтлар одамлар шароб ичишига майллари кучайгани, унга берилаётган жазо енгиллиги, шунинг учун жазонинг кучайтирилишини тавсия қилган эди.
Холид ибн Валид бир урушда Иёз ибн Ғанам билан қатнашиб, катта ўлжани кўлга киритди. Ўз ҳиссаси ҳам анчагина эди. Шундан бир қисмини одамларга ҳадя қилди. Улар орасида Ҳазрати Абу Бакрнинг куёви Ашъас ибн Қайс ҳам бор эди. Холид унга тўрт минг дирҳам берди.
Орадан бир неча ой ўтди. Бир куни Абу Убайда пойтахтдан келган хатни ўқиётиб, бирдан ранги ўзгарди. Ўрнидан сакраб турди. Мактубда Ҳазрати Умар шундай ёзган эди: «Холиднинг салласини ечиб ол. Ашъасга берган пулни қаердан олганини айтмагунча берма. Пулни ўз молидан берганми ё ғаниматданми? Агар ғаниматдан берган бўлса, қилган хиёнатини ўз тили билан тан олган бўлади. Агар молидан берган бўлса, исрофгарчиликка йўл кўйган бўлади. Ҳар икки ҳолда ҳам уни вазифасидан бўшат».
Абу Убайда буни Холиддек одамга нисбатан қандай қилиб амалга оширади?! У икки ўт орасида қолди. Холиднинг бошидан саллани ечиб олиш уни пастга уриш, очиқчасига ҳақорат қилиш билан баробар эди. Ҳаётини Ислом равнақи учун бахш этган ва бу йўлда мисли кўрилмаган ғалабаларга эришган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Сайфуллоҳ» деган эътирофларига сазовор бўлган инсонга бундай қилиб бўлмас эди. Шу билан бирга бошқа йўл ҳам йўқ. Бу ишни ёпди-ёпди қилишнинг-да иложи йўқ. Чунки Ҳазрати Умар ўзи буюрган ишни шундоқ ташлаб қўймай, албатта, ҳисоботини талаб қилади. Шу сабаб, аввал, Холидга хат юборди. Холид келгандан Кеиин мактубни олиб келган одам ўрнидан туриб, баланд овозда ўқиб берди ва Холидга ўгирилди:
— Ашъасга берган пулларни қаердан олган эдинг?
Холид жавоб бермади. Абу Убайда эса, мум тишлагандеқ, тек турарди. Энди Ҳазрати Билол ўрнидан турди:
— Мўминлар амири шундай қилишни буюради, — деб саллани ечиб олди. Холид эса қаршилик қилмади. Кейин Ҳазрати Билол саллани чуваб, у кишининг қўлларини боғлаб, ўша саволни қайта сўради. Холид бу сафар жавоб берди.
—Уни ўз маошимдан берган эдим.
Ҳазрати Билол:
— Биз волийларимизга қулоқ соламиз, бошлиқларимиз хизматини қиламиз, — деб саллани яна Холиднинг бошига ўраб қўйди.
Бу ҳолатлар жараёнида Холид сассиз, қимирламай турди. Агар истаса, Билолни бир уриб ағдариши ёки бир зарда билан қимирламайдиган қилиб қўйиши мумкин эди. Лекин у зот буйруқ беришни билиш билан бирга, буйруққа бўйсунишни биларди.
Абу Убайда эса, сени вазифангдан олдим, деёлмади, деёлмасди ҳам.
Бу ишлардан хабар топган Ҳазрати Умар мактуб ёзиб, Холидни Мадинага чақириб олди.
Сайфуллоҳ мактубни олгач, Киннасрага қайтди ва у ерда қуролдош дўстлари билан хайрлашди. Кейин Мадинага йўл олди. Шу тариқа Холид ибн Валиднинг қўмондонлик фаолияти ниҳоясига етди. Даставвал, Ҳазрати Абу Бакр вафотидан кейин бош қўмондонликдан олинган эди, кейинчалик Абу Убайданинг кўл остида оддий қўмондонликдан ҳам озод этилди.
Холид йўл-йўлакай Химсга кириб, дўстлари билан кўришди. Мадинага етиб келгач, Ҳазрати Умарни топди:
— Сиздан мусулмонларга шикоят қилдим. Худо ҳаққи, менга яхши муомала қилмадингиз, — деди.
— Ўша бойликни қаердан олдинг?
— Ғаниматдан. Олтмиш мингдан ошса, ошгани сизники.
Ҳазрати Умар унинг мол-мулкини ҳисоблатди: саксон минг дирҳамга тенг бўлди. Йигирма мингини Байтуллоҳга олди. Кейин:
— Холид, Худо ҳаққи, сен мен учун қадрли инсонсан. Сени яхши кўраман, — деди.
Олтмиш минг ёки саксон минг дирҳам Холиддек қўмондон учун кўп эмас эди. Тасарруфидаги мол-мулк қозонилган ғалабаларда қўлга киритилган ўлжалар олдида ҳеч вақо эмасди. Оддий аскар ҳам шунча бойлик тўплай оларди.
Ҳазрати Умар волийларга мактуб жўнатди. Унда: «Мен Холидни ундан жаҳлим чиққани ёки хиёнат қилгани учун вазифасидан олганим йўқ. Фақат инсонлар уни жуда улуғлаб, ғалабаларини унинг номи билан боғлайдиган бўлиб келдилар. Мен ғалабани аслида Аллоҳ азза ва жалла беришини одамлар билишсин ва фитна чиқмасин учун бу ишни қилдим», дейилган эди. Кейин Холиддан олган йигирма минг дирҳам эвазига мол берди. Шу билан холасининг ўғли кўнглини овлаган бўлди.
* * *
Иёз ибн Ғанам Абу Убайданинг яқин қариндоши эди. Эришган муваффақиятлари ҳисобига олиниб, Химс волийи этиб тайинланди.
Адолатнинг ажойиб намунаси
Мақсадга етишиш йўлида шошилинч ҳаракат қилган қўшин хатоликларга йўл қўйиши мумкин. Ислом қўшини ҳам юришини давом эттираркан, экинзор узра ўтиб кетганини билмай қолди.
Бир мўмин билиб туриб бошқасининг молини олмайди, зарар етказмайди. Кўли билан, тили билан бировга озор бериш мўминнинг иши эмас. Лекин мусулмонлар ўзлари истамаган ҳолда бировга зарар келтириб қўйган эдилар,
Экинзор эгаси ҳам, ҳа, майли, билмасдан содир бўлди, дея олмас эди. Зотан, тирикчилиги шу далага боғлиқ одам бу воқеани шундай келдириши учун ўзига тўқ бўлиши керак эди. Аксинча, ҳаққини талаб қилишга ҳаққи бор эди.
Дала эгаси Мадинага йўл олди. Шаҳарга етиб келгач, халифа ҳузурига кириб бўлган воқеани айтиб берди. Уни диққат билан тинглаган Ҳазрати Умар, қўшин далангни атайин пайҳон қилдими ёки жангга ўз вақтида етиб олмоқчимиди? деб сўраб ўтирмади. Сўраса ҳам бўларди. Ахир, лашкар дала эгасининг ҳам тинчлигини таъминлади-ку.
— Даладан қанча ҳосил олмоқчи эдинг?
— Ўн минг дирҳамлик.
— Унда биз ўша ўн минг дирҳамни тўлаб берамиз. Ҳазрати Умар шу заҳоти сўзининг устидан чиқди. Дехқоннинг кўзларида акс этган ҳайрат туйғусидан ичидан нималар кечаётганини фаҳмлаш мумкин эди. Бу билан ҳосилни йиғиб-териб олиш машаққатидан қутилди, уни бозорга олиб боришга ҳам ҳожат қолмади. Йўлида олдини тўсиб, меҳнат қилмай олган пулларни чиқар, дейдиган одам учрамаслигига ишониб, уйига отланди.
Бир пайтлар Румга қочиб, Ҳазрати Умарнинг аралашуви сабаб юртларига қайтган Тағлиб қабиласи вакиллари халифа зиёратига келишди. Уларнинг мақсади ўзаро шартнома тузиш эди. Дарвоқе, бу қабила ортга қайтгач, бош кўтармасинлар, деб, Валид ибн Утба уларнинг волийларини алмаштирган ва қаттиқ туришни тайинлаган эди.
— Бошқа мусулмонларга берилган ҳақ-ҳуқуқлар сизлардан мусулмон бўлганларга ҳам берилади. Мусулмон бўлмаганлар жизя тўлашади. Уларни ҳимоямизга оламиз. Бошқа нарса таклиф қилолмайман, — деди Ҳазрати Умар.
— Сиз бизга яхши шароит яратиб бермас экансиз, шуни ёдда тутингки, чегарада яшайдиганларимиз Рум ва бошқа давлатлар тарафга ўтиб кетиши мумкин. Биз эса, бундай бўлишини истамаймиз, — деб олиб келган совға-саломларини ўртага қўйдилар. Лекин ҳадялар рад этилди. Бир оз ўйлаб турган Ҳазрати Умар:
— Мусулмон бера оладиган закот миқдорида ҳам жизя бера олмайсизларми? — деди. Бу яхши таклиф эди.
— Бунга қодирмиз.
— Ҳа, яна бир шарт: янги туғилган болаларингизни насроний қилиб тарбияламайсизлар.
Тағлиб вакиллари бу таклифни қабул қилиб, изларига қайтишди.
Абу Марям Ҳанафий
Ҳазрати Умар Абу Марям Ҳанафийни ҳаяжон ичра, қўлларини кўксига қўйиб кутиб олди. Унинг келишини, кўзига кўз уриштиришни жуда хоҳлаган эди. Бу инсон алпкелбат Умарнинг хўнг-хўнг йиғлашига кўп сабабчи бўлган.
Пайғамбарликни даъво қилиб чиққан Мусайлама билан бўлган жангда бу одам Ислом туғини кўтарган Зайд ибн Хаттобни шаҳид қилган эди. Ҳазрати Умар бундан қаттиқ қайғуга тушган, ҳатто ўғли Абдуллоҳни «Амакинг шаҳид кетди, сен қайси юз билан кўзимга кўриняпсан?» деб койиб ҳам берган эди.
Одамлар тез-тез Ҳазрати Умарнинг йиғлаганини кўриб қолишарди. Сабабини сўраганларида, Яман тарафга ишора қилиб: «Шу ёқдан шамол эсса, Зайднинг ҳиди келади», дерди. (Ибн Абду Раббиҳ, «Ал-икдул фарид»)
Бир куни шоир Мутаммим ибн Нувайр билан суҳбат асносида: «Агар оддийроқ бўлса ҳам, шеър ёза олганимда, Зайдга атаб кўп шеърлар битардим», деб юборди. (Ибн Асир, «Ал-комил»)
Энди эса, қаршисида севимли ва бир умр унутолмайдиган акасининг қотили турар эди. Ҳазрати Умарнинг энг кучга кирган пайти, аканинг қасосини олиш мумкин. Истаса, бурда-бурда қилиб, суякларини итларнинг олдига ташлаш ҳам қўлидан келади. Бироқ Ҳазрати Умар бундай қилолмайди. Чунки Абу Марям шаҳодат калимасини айтиб, мусулмон бўлган. Мусулмон бўлганидан кейин олдинги ишлари муҳокама қилинмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам амакилари Ҳазрати Ҳамзанинг қотили Вахшийни жазоламаган, қизлари Зайнабнинг ҳомиласини туширган ва кўп йиллар мобайнида дард чекиб яшаши, ҳатто ўлимига сабаб бўлган Хаббор ибн Асвадни иймон келтирганидан кейин ўлдирмаган эдилар. Ваҳоланки, сал олдин уни қатл қилишга буюрган эдилар. Ҳазрати Умар ҳам шундай шароитда Абу Марямни ўлдиролмасди. Бу шариат қонунларини ўрнатгандан кейин, яна жоҳилиятта қайтиш бўларди. Шунинг учун:
— Сени кўришни истамайман, — деди, холос.
Бунга нима ҳам деб жавоб бериш мумкин? Абу Марям ҳеч нарса дея олмади. Ҳазрати Умардан қучоқ очиб кутиб олишини ва: «Кел, ўтир, сен акамни шаҳидлик мартабасига етказгансан. Акамга қилган яхшилигингни қандай қайтарай?» деб пешонасидан ўпиб кўйишини кутмаган, табиий.
— Амирул мўминин, сизга ёқмасам, мўминлар ҳуқуқидан фойдалана олмайманми?
— Ҳа, мўминларга берилган ҳуқуқ сенга ҳам берилади. Уларга юкланган вазифа сенга ҳам вазифа бўлади.
— Унда, менга шунинг ўзи етади.
Бу иш ҳам Ҳазрати Умарнинг адолатидан нишона эди. Бўлмаса, Абу Марямнинг бошини олишга кўп вақт кетмасди.
Вақт ўтиши билан у Басра қозилигига тайинланди. Бу эса, Ҳазрати Умарнинг икки карра адолатига, ишни устасига топширишига ёрқин мисолдир.
Зайд ибн Ҳаттоб Ҳазрати Умарнинг ота бир акаси эди. У киши баланд бўйли, бақувват одам бўлиб, Ҳазрати Умардан олдин иймон келтирган. Зайд Бадрдан бошлаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан барча ғазотларда қатнашган.
Зайд ибн Ҳаттобдан фақат Вадо хутбаси ривоят қилинган, холос. Ҳолбуки, у киши Ҳазрати Умардан аввалроқ Исломни қабул қилган эди. Балки бошқалар билмайдиган нарсалардан хабардор эди. Аммо, афсуслар бўлсинки, Зайд ва бошқа у каби қанчадан-қанча саҳобалар ўзлари билган нарсани қрғозга туширмай, бу фоний дунёни тарк этишган.
Ҳазрати Умар то вафотига қадар Зайднинг қайғусида юрди.
Зайнаб бинти Жаҳш
Кунлар ўтар, муқаррар ўлим эса, бирин-кетин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга суюкли бўлган инсонларни ёруғ дунёдан олиб кетарди. Улар борган жойларида бахтлилар сафига кўшилиши аниқ. Лекин уларнинг бахти ортда қолганларнинг кўзёшлари, кўнгил титроқларига малҳам бўлолмасди. Бир йил муқаддам «Раббим, энди менга Умардан маош олишни насиб этма», деб дуо қилган Зайнаб бинти Жаҳш ҳам юқорида зикр қилинган бахт соҳибларидан бири эди.
Бу муҳтарама волидамиз қўл меҳнати ва пешона тери билан яшашга энг кўп эътибор берарди. (Ибн Касир, «Ал-бидоя»)
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларига: «Қўли узунингиз менга энг аввал қовушади» (Муслим, «Фалоилус-саҳоба» боби), деб марҳамат қилганларида, оналаримиз бир чўп олиб, бирма-бир қўлларини ўлчаб чиққан эдилар. Ажал Зайнаб ибн Жаҳшга етгач, бу муборак сўз «қўли мискинларга энг кўп чўзилган», деган маънода айтилгани маълум бўлди.
Ҳазрати Зайнаб бошқаларга яхшилик қилишни севарди. У зот кўнгли чўкканларни хурсанд қилганида, қорни очларни тўйғазганида ўзини бахтли ҳис этарди. Шу билан бирга, энг ҳайратланарлиси, қўшнилари оч ўтираркан, томоғидан бир луқма таом утмасди. Шунинг учун бўлса керакки, Ҳазрати Оиша онамиз Ҳазрати Зайнаб ҳақларида: «Аллоҳга бўлган муҳаббат, ростгўйлик, яхшиларга бўлган ҳурмат, омонатга риоят ва кўп садақа қилиш борасида ундан яхшироқ аёлни учратмадим», деган эди. (Муслим, «Фалоилус-саҳоба» боби)
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга завжа бўлганида ўттиз бир ёшда бўлса, вафот этган куни элликни қоралаган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Вадо ҳажига бориб, шундан кейин Мадинадан чиқмади. Қуръонда Зайнаб онамизнинг Расулуллоҳга никоҳлангани ҳақида оят ҳам бор. У кишининг асл исми «Барро» эди, кейинчалик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Зайнаб» деб ўзгартирдилар. Бундан ташқари, Зайнаб онамиз насаб жиҳатидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга яқин қариндош эди: онаси Умайя Омина онамизнинг сингиллари эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Зайнаб деган исмни жуда яхши кўрардилар. Тўнғич қизларининг исми Зайнаб, Фотиманинг икки қизидан бирининг исми ҳам Зайнаб, ҳаёт чоғларида вафот этган аёлларининг исми-да Зайнаб эди.
Зайнаб онамизнинг онаси Умайя Исломга кирган-кирмагани номаълум. Акаларидан бири Убайдуллоҳ эса, бир пайтлар ҳақ динни излаб Мадинадан Шом тарафларга кетган, сўнг у ердан насронийликни қабул қилиб қайтган. Кейинчалик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида мусулмон бўлиб, бу динни маҳкам тутган. Ҳабашистонга ҳижрат қилганида, яна насронийликка қайтиб, шу аҳволича ўлиб кетган.
Яна бир акаси Абдуллоҳ эса, Ухуд жангида шаҳид бўлган.
* * *
Зайнаб онамизнинг вафот этганини эшитган Ҳазрати Умар оналаримиз олдига келди:
— Уммул мўмининни ким ювади?
— Ўзимиз ювамиз.
Онамиз ювилиб кафанлангач, Ҳазрати Умар жаноза намозини ўқиди. Кейин қабр бошига келгач, у кишининг амри билан қабр устига чойшаб тортилди.
Ҳазрати Умар Усомага қаради:
— Қабрга туш!
Кейин Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Жаҳш билан Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Талҳани ҳам қабрга туширди.
Ҳазрати Умар бекорга уч ўспиринни қабрга туширмаганди. Зайнаб онамиз Усомага ўгай она, Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Жаҳшга хола, Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Талҳага яқин қариндош эди. Лекин Зайнаб бинти Жаҳш қабр бошида турганларга, умуман, қиёматгача бўлган мўминларга она эди. Йигитдар муборак жасадни оҳиста олиб, «Биз сизларни (ердан) яратдик. яна унга қайтарурмиз ва (Қиёмат кунида) сизларни яна бир бор ундан чиқарурмиз» (Тоҳа сураси, 55-оят) оятини ўқиб қабрга қўйдилар.
Ҳазрати Умарнинг ўзи қабрни тузатди, устига сув қуйди. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўғиллари Иброҳимни қабрга кўйгач, сув қуйганларини кўрган эди.
Онамизни сўнгги манзилга кўз ёшлари билан кузатиб қолдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларидан бири боқий дунёга йўл олди.
Зайнаб онамиз Бақиъ қабристони эшигининг рўпарасига дафн қилиниб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уч қизи билан қўшни бўлди. Улар Зайнаб бинти Муҳаммад, Умму Гулсум бинти Муҳаммад ва Руқийя бинти Муҳаммад эдилар. Яна бир қўшниси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётликларида вафот этган аёллари Зайнаб бинти Ҳузайма эди. Энди мўминлар онаси Зайнаб бинти Жаҳш ҳам шу ерда ётиб, қолганларни кутадиган бўлди.
Сийрин
Сийрин Анас ибн Моликнинг қули бўлиб, ўзини жуда покиза тутарди. Бир куни хожасининг олдига келди.
— Қулликдан қутилишни истайман. Келишиб олайлик, мен ҳаққимни тўлай, — деди.
Анас бунга унамади. Сийрин ҳам ишни шундай қолдиришни истамади. У ҳам озод инсон сифатида яшашга ҳақли эди.
Хожаси илтимосини рад этгач, халифанинг ҳузурига бориб, мақсадини айтди.
Ҳазрати Умар Сийриннинг фикрига қўшилиб, ҳуррият инсоннинг Аллоҳ берган ҳуқуқи эканини айтди ва:
— Анас билан ўзим гаплашаман, — деб уни жўнатди.
Сўнгра Анасни чақиртириб, Сийринни ҳаққини тўлаш шарти билан озод қилишини сўради. Анас розийаллоҳу анҳу «йўқ» демаслиги керак эди. Лекин кутилмаганда:
— Бундай қилолмайман,— деди.
Ҳолбуки, Анас Аллоҳнинг каломини яхши биларди. Ундан ташқари қулининг ахлоқли, ишбилармон одамлигини ҳам бошқалардан яхшироқ биларди. Унинг жавобини эшитиб, Ҳазрати Умар Анасга бир-икки енгил қамчи туширди ва:
— Сен Аллоҳнинг, агар уларда яхши ҳол ва ахлоқий фазилат кўрсангиз, уларни китобатга боғланг, маълум мол ёки пул эвазига эркларини қўлга киритишлари учун ёзма келишув қилинг, деган маънодаги каломини эшитмаганмисан? — деди.
Бу оят қул соҳибига келишув қилиш мажбуриятини юкламас, балки адолатли муносабатда бўлишга чақирар эди. Эҳтимол, ўша кунларда бу оят Анаснинг ёдига тушмагандир. Ҳазрати Умар ҳам Сийриндек инсоннинг ортиқ қул бўлиб юришини истамасди. Узоқ давом этмаган сукунатдан сўнг Ҳазрати Умар амрни такрорлади.
— Сийрин билан шартнома туз!
Навбатдаги эътироз қимматга тушарди. Шунинг учун Анас розийаллоҳу анҳу яна «йўқ» дейишга ботина олмади. Ниҳоят, ўртада шартнома тузилди. Қизил қоғозга муҳр урилди.
Шартнома тузилгач, Сийрин қўшинга ёзилди ва Тустар фатҳида қатнашди. У ердан олган ғаниматга Мадинада сотиш учун уй анжомларини харид қилди ва бозорга йўл олди. Бозорда Ҳазрати Умарни учратди.
— Аҳволлар қалай, Сийрин?
— Манавиларни сотиб, озодликка чиқмоқчиман.
— Аллоҳ баракасини берсин!
— Омин.
Сийрин сотган нарсаларидан ўйлаганидан ҳам кўпроқ фойда олди. Ишлаб топган пулини олиб келиб, Анаснинг олдига қўйди. Лекин Ҳазрати Анас:
— Мен бу пулни турли йилларда бўлиб-бўлиб олмоқчи эдим. Ҳаммасини бирданига ололмайман, — деди.
Сийрин пулларни олиб, Умарнинг ҳузурига кетди. Бориб бўлган воқеани айтиб берди. Ҳазрати Умар индамай, бир бўлак қоғоз парчасига «қабул қил», деб ёзиб, Сийринга тутқазди-да:
— Анасга олиб бориб бер, — деди.
Ҳазрати Анас бошқа эътироз билдира олмади. Сийрин қувончи ичига сиғмай ташқарига отилди. Озодликка чиққан қулга ҳамма нарса, ҳатто нафас олаётгани ҳаво ҳам ўзгача ҳузур бахш этарди. (Ибн Саъд, «Табақот»)
Бир оз муддатдан сўнг Сийрин уйланди. Ўғилларидан бири Муҳаммад ибн Сийрин ҳали тобеъинларнинг илм, амал ва ахлоқда пешқадамларидан бўлади. Хусусан, тушни таъбир қилишда у бутун Ислом дунёсида шуҳрат қозонади.
* * *
Абу Умайя Ҳазрати Умарнинг қули эди. Бир кун келиб:
— Амирул мўминин, мен билан битим тузмайсизми? Озодликка чиқишни истайман,— деди.
Ҳазрати Умар бу таклифдан хурсанд бўлди. Ахир қул ишлашни, меҳнат қилиб пул топишни ва, ниҳоят, қуллик деб аталмиш занжирдан халос бўлишини истаётган эди.
— Қанча тўлай оласан, Абу Умайя?
— Юз уқия.
— Бўпти, мен розиман.
Ҳазрати Умар қулини яхши инсон, деб биларди. Қўлига қалам-қоғоз олиб, шартномани оққа туширди. Кейин тўланиши керак бўлган пулни таъкидлади. Лекин бир йўла ҳаммасини тўлаш шартлигини ҳам уқдириб ўтди ва:
— Қани, ўтир-чи,— деди.
Сўнг қизи — мўминлар онаси Ҳафсага хабарчи жўнатиб:; «Қулим билан битим боғладим. Унга ёрдам бермоқчи эдим лекин пулим йўқ. Пул топгунимча менга икки юз дирҳам бериб тур», деди.
Пул келгач, Ҳазрати Умар уни қўлига олиб, «(Эй мўминлар) қўл остингиздаги қуллардан битим тузишни истайдиган кишилар бўлса, у ҳолда агар сизлар уларда яхшиликни (яъни, диёнат, иймонни) билсангизлар, улар билан битим тузинглар ва уларга Аллоҳнинг сизларга ато этган молидан ато этинглар» (Нур сураси, 33-оятдан), деган оятни ўқиди ва икки юз дирҳамни Абу Умайянинг қўлига тутқазди:
— Ол, Аллоҳ бу молдан сенга барака ато қилсин.
Абу Умайя ақл билан иш юритмоқчи бўлди:
— Буни олинг-да, мўминлар амири, тўлашим керак бўлган пулга ҳисобланг.
Ҳазрати Умар унамади, бориб бу пулга тижорат билан шуғулланишни буюрди.
— Ироққа кетсам майлими, мўминлар амири!
— Албатта, шартнома тузилгач, истаган ерингга боришинг мумкин.
Халифа хузуридан чиққач, Абу Умайя бир нечта дўстлари билан учрашди. Улар ҳам битим тузган эдилар.
— Умар билан гаплашсанг, Ироқдаги волийга мактуб ёзса, у ерда бизга яхшироқ муомала қилишарди.
Абу Умайя хожасини яхши билгани учун дўстларининг таклифига кўнмади. Ҳазрати Умарнинг бундай қилмаслигига ишончи комил эди. Аммо дўстлари қистайвергач, кирди. Абу Умайянинг гапларини эшитган Ҳазрати Умар ғазабланди:
— Бу гап қаёқдан чиқди? Сен у ердаги одамлардан устун бўлиб, уларга зулм қилинишини хоҳлайсанми?
Абу Умайя шундоқ бўлишини яхши биларди, устига-устак дакки ҳам эшитиб олди.
— Йўқ амирул мўминин.
— Унда боргин-да, меҳнат қил. Сен эсам бошқаларга ўхшаган мусулмонсан. Уларга юкланган мажбурият сенга ҳам тегишли. Улар фойдаланадиган ҳуқуққа сен ҳам эгасан. Сенинг улардан ортиқ-кам жойинг йўқ.
Абу Умайя шунча йиллар ўтиб, Ҳазрати Умардан энди танбеҳ эшитиши эди. Унга лойиқлигини ҳам тушуниб турарди. Аслида, Ҳазрати Умар ҳатто ўз фарзандларини юзхотир қилмас ва бунга йўл ҳам қўймас эди.
Сўнг у Ироққа жўнади. Қўлида буюк саҳоба «Аллоҳим, барака ато эт», дея дуо қилиб берган икки юз дирҳами. Ҳақиқатда ҳам бу пул унга кўп даромад келтирди. Мадинага қайтганида бир қанча қимматбаҳо буюмлари бор эди. Уларни халифа ҳузурига олиб кирди.
— Яхши нарсалар экан, Абу Умайя.
— Уларни сизга ҳадя сифатида олиб келдим.
— Ҳадя қилиб олмайман. Ўзингга керак бўлмаса, сотгин-да, қарзингни тўла.
Абу Умайя хожасининг бундай муносабатини, қолаверса, дуо қилиб берган икки юз дирҳам келтирган фойдани ҳеч қачон унутмади. Кейинчалик хотиралар экан: «Ўша пул билан озодликка чиқдим. Яна анча маблағ ҳам ишлаб олдим», деган эди.
Шу ўринда Ҳазрати Умардек Ислом оламида айтгани икки бўлмайдиган инсоннинг қулига бериш учун икки юз дирҳам топа олмай, қизидан қарз олиб турганига эътибор қилиш жоиз.
Ҳазрати Умар қул озод қилиш нималигини яхши тушунарди. Қийин аҳволга тушиб қолган одамга ёрдам бериб, унинг кўнглини овлаган одамга, охиратда Аллоҳ томонидан катта ажр мукофотлар берилишини, ўша кун ташвишларининг бартараф этилишини биларди. Буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитган эди. Агар қўлида бўлганида, Абу Умайяга кўпроқ пул беришига шубҳа йўқ эди. Қарз олиб, пулга барака сўраб, дуо қилганида, ихлос билан, кўнгилдан чиқариб дуо қилган эди. Дуосининг қабул бўлишига ишониб, бу билан каттароқ моддий ёрдам беролмаса-да, лоақал маънавий ёрдам беришни кўзлаган эди.
* * *
Ҳазрати Умар дўстлари билан айланиб юраркан, бир қабр бошида тўхтади. Бошини эгиб узоқ туриб келди. Ёнидагилар Ҳазрати Умарнинг муборак кўзлари ёшланганини кўришди. Сукунатни бузишга журъат этолмай, у кишини ўз ҳолига кўйишди.
Бу қабр кимники эди? Ҳазрати Умарга тегишли жойи бормиди? Буюк зот бу ерда ётган азиз инсон билан боғлиқ хотираларни эслаб йиғладими ёхуд яхши-ёмон ўтган умрнинг шу бир уюм тупроқ кўринишига келишини ўйлабми? Балки бу ерда ётган инсоннинг савол-жавобга тортилишини эслаб йиғлагандир?
Ҳазрати Умар, ниҳоят, аста сўз бошлади:
— Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитган эдим: «Қабр охиратнинг илк бекатидир. Унда савол-жавобдан ўтиб, азобдан қутулган инсонга кейинги бекатларда осон бўлади. Агар қабрда ўзини қутқара олмаса, кейинги бекатларда унинг аҳволи қийин кечади».
Энди Ҳазрати Умар нима сабабдан йиғлагани маълум бўлди — кўзлари тушган қабр у кишини йиғлатган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам: «Қабрларни зиёрат қилинг. Чунки улар охиратни эслатиб туради», деганлар. Бу туйғу Ҳазрати Умарда ўта нозик, айни дамда жуда кучли эди. «Қиёмат куни жаннатга кирадиганлар орасида бўлармиканман ёки дўзахга тушадиган орасида?» деган умид ва қўрқув Умарни Ҳазрати Умар даражасига олиб чиққан эди.
Одамни билиш
Ҳазрати Умар ҳузурига гувоҳлик бериш учун келган одамнинг шу ишга лойиқ ёки лойиқ эмаслигини билмоқчи бўлди ва:
— Сени яхши биладиган инсонни чақириб кел! — деди унга. Ҳалиги одам бориб, бир кишини бошлаб келди.
— Бу одамни танийсанми? — деди Ҳазрати Умар.
— Ҳа, мўминлар амири, уни биламан, яхши одам.
Ҳазрати Умар бундан қониқмади.
— Бу одам билан ўртангизда қандай алоқа бор? Уйга кириб чиқаётганини кўрганмисан? Олдига кимлар келади? Булардан хабаринг борми?
— Йўқ, мен унинг қўшниси эмасман.
— Балки сафарда бирга бўлгандирсан? Ўшанда уни яхши хулқ эгаси эканини кўргандирсан?
— Йўқ, сафарда ҳам бирга бўлмаганман.
— Пул билан муомала қилинган жойда инсоннинг Аллоҳга бўлган муҳаббати қай даражадалигини билиб олиш мумкин. Сен у билан каттароқ савдога қўл урганмисан? Ё шерикчилик асосида тижорат қилганмисан?
— У билан тижорат ҳам қилмаганман.
— Унда, тахминимча, унинг масжидда намоз ўқиётганини кўргандирсан. Ёки бошини гоҳ кўтариб, гоҳ тушириб, Қуръон тиловат қилаётганини кўриб, у ҳақида гувоҳлик беряпсан. Шундайми?
— Ҳа, мўминлар амири, шундай.
— Демак, сен бу одамни аслида қандайлигини билмас экансан. Майли, ишингга боравер.
Кейин бояги одамга юзланди:
— Сен эса ўзингни ростдан ҳам яхши биладиган одамни топиб кел. (Ғаззолий, «Иҳйоу улумид-дин»)
* * *
Бир куни Ҳазрати Умарнинг ҳузурида қандайдир бир одам ҳақида гапириб қолишди:
— Мўминлар амири, шу одам ёмонлик нималигини билмайди.
— Унда у осонликча ёмонликка учрайди. Зеро, ёмонликдан сақланиш учун, унинг нималигини билиб олиш лозим. («Тарихи Табарий»)
* * *
Ҳазрати Умарнинг олдига бир одам келиб, туяси кучдан қолганидан шикоят қилди. Ҳазрати Умар унинг туясини олиб, ўрнига қизил туя бериб жўнатди.
Ўша йили ҳажни ният қилиб йўлга чиқди. Пиёда кетиб бораркан, қулоқларига бир овоз эшитилди. Қараса, ўша одам туяга минган ҳолида уч мисра шеърни такрор-такрор ўқиб кетарди: «Эй Ҳаттоб ўғли, Ҳазрати Пайғамбардан бошқа ҳеч ким сенчалик хоҳ яқинда, хоҳ олисда бўлганларга бунчалар яхши муомала қилмади».
Ҳазрати Умар қўлларидаги таёқ билан уни туртди:
— Қани бу ерда Абу Бакр? (Яъни, шеърингда.)
Тунги тафтиш
Ҳазрати Умар бир кеча Мадина кўчаларини ёлғиз айланиб юрарди. У киши бундай айланишлар фойдасини биларди. Қанчадан-қанча дардини айтолмайдиган одамларни учратиб, хаёлга келмайдиган воқеаларга кўплаб гувоҳ бўлган эди.
Ҳамма уйида дам олаётган бир пайтда, ухламай шаҳар айланиш осон иш эмас. Лекин бу йўл билан одамларнинг баъзи муаммоларини билиб олиш мумкин. Бундан ташқари, қандайдир ёмон ишни режалаштирганлар ҳам «тунда халифа шаҳар айланади», деган ўйда ниятларидан қайтарди.
Қулоққа чалинган аёл овози Ҳазрати Умарни ўзига тортди: «Тун ҳам келди. Осмонда юлдузлар сузар...» Аёл ёлғизликдан, эрининг жангга кетгани ва қайтмагани ҳақида шеър ўқирди: «Қанийди, менда кўз тақвосини берган Раббимдан қўрқув бўлмасайди, қанийди, инсонлар олдида суюқоёқ, беҳаё бўлиш андишаси бўлмасайди, қанийди, эримни севмасайдим...» Бу шеърни эшитиб, Ҳазрати Умар ўзини йўқотиб қўяй деди. Олдин одамнинг еб-ичиш, кийинишдан бошқа эҳтиёжлари ҳам борлигини Ҳазрати Умар бу тун шеър орқали янада яхшироқ англади.
Одамлар ўз-ўзидан зинога қўл урмайдилар. Ҳамма ҳам бу хотинчалик эмас. Ким билади бу аёл яна қанча чидайди.
Шуларни ўйлаб у киши эшик қоқди. Эшикни ёш аёл очди.
— Мен амирул мўминин Умарман. Айтган шеърингни эшитдим. Нима муаммоинг бор?
—Нимаям бўларди. Эрим урушга кетган, бир неча ой бўлдики, ҳануз қайтмади. Аёлнинг ўз эрини соғиниши айб эмас-ку.
— Қандайдир ёмон ишга қўл урмоқчимисан?
— Аллоҳ сақласин, бунақа ниятим йўқ.
— Озгина сабр қил. Ҳозироқ хабарчи жўнатаман, эринг тезда қайтади.
Ҳазрати Умар аёлдан эрининг исми, қайси тарафга кетганини билиб олиб, изига қайтди. Тонг сахарда бомдод намозини ўқиб бўлгач, қизи — мўминлар онаси Ҳафсанинг уйига йўл олди.
— Одамни ўйлантирадиган бир масала чиқиб келди. Буни ҳал қилишда сен менга ёрдам берсанг, мени хурсанд қиласан.
— Нима экан у, отажон?
Ҳазрати Умар тундаги воқеани айтиб берди, кейин:
— Турмушли аёл эридан узоқлашса, қанча чидаши мумкин.
Ҳазрати Ҳафса жавоб бермай, бошини эгди. Лекин Ҳазрати Умар бу ердан жавоб олиб чиқиши керак эди.
— Аллоҳ ҳақ ва рост гапни айтишдан ҳаё қилмайди. Жавоб бер!
Ҳафса онамиз бошини кўтармай, кўллари билан кўрсатди: «Тўрт ой».
Керакли жавобни олгач, Ҳазрати Умар ўрнидан турди. Ўша куниёқ хабарчилардан қўмондонларга: «Ҳеч кимни тўрт ойдан ортиқ ушлаб турманглар, уйига рухсат бериб юборинглар», деган мазмунда хат жўнатди. Бояги аёлнинг эри ҳам рухсат олиб, уйига қайтди. (Суютий, «Тарихул халифа»)
Саъд ибн Убода
Саъд ибн Убода Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан кейин халифаликка интилиб, мақсадига эриша олмаган эди. Мадина аҳли Абу Бакрга байъат қилгач, у бош тортди. Кейинчалик жамоадан айрилиб, ўзича юрди. Ҳазрати Абу Бакр вафот этиб, Ҳазрати Умарга байъат қилишга тўғри келганда мол-мулкини болалари ўртада тақсимлади ва ўғли Қайсни оилага бошлиқ этиб тайинлаб, ўзи Мадинадан чиқиб кетди.
Расули Акрамнинг нафаслари уфуриб турган бу муборак масжидни, бу қадрдон шаҳарни қайсарлик туфайли тарк этиш тўғримиди? Барча дўстлари, қариндош-уруғлари шу шаҳарда қолди. Саъднинг ўзи отаси каби сахий инсон эди. Кўпинча оқшомда дастурхон ёзиб қўяр, истаган одам келиб, еб-ичиб кетар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳам кўп моддий ёрдамлар берган. Пайғамбар алайҳиссалом Мадинага етиб келганларида, энг кўп таомни Саъд юборган эди. Бундан ташқари, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам қайси аёллариникида қолса, ўша уйга Саъднинг хонадонидан таом чиқарди.
Баъзан Расулуллоҳнинг ўзлари унинг уйига ташриф буюрар ва меҳмон бўлар эдилар. Бир сафар: «Дастурхонингиз атрофида рўзадорлар ўтирсин, таомингизни яхшилар есин, малоикалар сизга мағфират сўрасин», деб дуо қилганлар.
У Ақаба байъатида қатнашиб, қабиласига нақиб этиб сайланган эди. Саъд ансорлар орасида сузишни биладиган саноқли кишилардан бири эди. У яхши сузгани ва моҳир мерган бўлгани учун «комил» лақабини олган. Шу билан бирга, жуда рашкчи бўлиб, уйланса, доим киз болага уйланарди. Биров унинг бевага майли бўлганини кўрмаган.
Саъднинг Ҳазрати Абу Бакрга ҳам, Ҳазрати Умарга ҳам шахсий адовати йўқ эди. Зеро, улар бир неча йиллар мобайнида дўстона муносабатда яшашган.
Мадинани тарк эттач, Сурия тарафларга кетди. У ерда Ҳаврон минтақасидаги Маниха кишлоғига жойлашди. Бир куни уни ҳаммомда жонсиз ҳолда топдилар, ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан тўрт йил ўтган эди.
Бадрдан ташқари барча ғазотларда қатнашган Саъд Ислом ва мусулмонларга кўп хизмат қилди. У ҳам бошқалар каби қамчиликлардан холи эмасди. «Ким зарра мисқолича яхшилик қилса, (Киёмат куни) ўшани кўрур. Ким зарра мисқолича ёмонлик қилса, уни ҳам кўрур!» (Залзала сураси, 7—8-оятлар) деган ҳақ гап унга ҳам тегишли эди. Лекин Парвардигорнинг раҳмати ғазабидан устун экани ҳам ҳақиқатдир. (Ибн Касир, «Ал-бидоя»)
Чодир аҳли
Бир тунда Ҳазрати Умар кули Аслам билан биргаликда Мадинани айлангани чиқди. Айланиб юриб, Ҳаррату Воқим деган жойга келди. Кейин Сирорга етди. У ерда оловни кўриб, Ҳазрати Умар:
— Аслам, менимча бу оловни совуқ ва қоронғуликдан қийналган одамлар ёққан бўлсалар керак. Юр, уларнинг олдига борамиз,— деди.
Араблар қоронғу, совуқ кунларда олов ёқиб, итларини чодир атрофига боғлаб қўярди. Бундан мақсад, ёниб турган гулханни ва вовуллаётган итларни кўрган одам у ерни осон топади.
Икковлон бориб қарасалар, гулхан атрофида кекса аёл ва бир неча бола ўтиришган экан. Болалар тинмай йиғлар, кампир эса олов устига қўйилган қозонни ковлар эди.
— Ассалому алайкум!
— Ваалайкум ассалом!
— Ўтирсам майлими?
— Яхши ниятда бўлсанг, кел, ниятинг ёмон бўлса, кетавер.
— Биз яхшиликни ўйлайдиган ва уни яхши кўрадиган одамлармиз.
Ҳазрати Умар олдинга яна бир-икки қадам ташлади.
— Аҳволлар қалай, хола?
— Қоронғулик ва совуқдан қийналяпмиз.
— Болалар нега йиғлашяпти?
— Қорни оч уларнинг. Очликдан қийналишяпти. Аёл ҳақ эди. Қорни очган бола йиғлайди. Ҳазрати Умар қизиқиб:
— Нима пиширяпсиз? Қозондаги нима?
— Сув қайнатяпман. Фақат сувнинг ўзи. Ичида қитирлаётган нарса эса, тош. Болаларни, овқат пиширяпман, деб алдаяпман. Бир оздан кейин йиғидан чарчаб ухлаб қолишади.
Аёл бу гапларни алам ва маҳзунлик ичра айтди, кўзларидан оққан ёшни кўрмаган, ҳатто гапларига яхши тушунмаган одам ҳам бу аёл товушидаги дардни пайқамасдан қолмасди. Бир оз тин олган аёл гапини давом эттирди:
— Бир кун Аллоҳ биз билан Умар ўртасида ҳакам бўлади.
Охирги гапни аёл юрак тубидан чиқариб айтди. Ҳазрати Умар бир қалқиб тушди. Лекин «Нималар деётганингни биласанми, аҳмоқ кампир?» демади.
Шундай деса бўларди, ҳатто қўлларидаги таёқ билан бир-икки туширса ҳам, бўларди. Лекин бу билан нималарнидир ҳал қилиб бўлмасди. Ҳазрати Умар бундай қилолмасди, балки бошқа Умар қилиши мумкин эди. У адолат, сабр, яхшилик ва эҳсон тимсоли эди. Нафс амрига бўйсуниб, бир-икки дўппосласа, бир оз муддатдан кейин унутилиб кетарди. Аммо бу билан асрлар оша тантиликлари ила инсониятга ўрнак сиймо бўлиб қололмасди.
— Худо хайрингизни берсин, Умар аҳволингизни қайдан билсин?
— Амир бўлишни, ишимизни гарданига олишни билса-ю, аҳволимиз билан қизиқмаса, нима қилиб халифа бўлиб юрибди? Бир кун келиб, Аллоҳ ундан бизнинг ҳисобимизни сўрамайдими?
— Сиз ҳақсиз, холажон, ҳақсиз...
Ҳазрати Умарнинг пешоналаридан тер окиб, оёқ-қўллари ҳолсизланди. Виждони эса, икки тегирмон тоши орасига тушиб қолгандек эди. Аёлга қолса, яна нималар демасди. Ундаги дард юки шу даражада оғир эди. Зеро, болаларига тош пишираётган, уларнинг йиғлаб-сиқтаб ухлаб қолишларини кутаётган аёлнинг бутун ғам-алами икки жумлага жо бўлолмасди. Аёлнинг дардини дастурхон қилиши ва Ҳазрати Умарнинг уни сабр-матонат билан эшитиши ҳам мавжуд муаммони хал қилиб беролмасди ёки болаларнинг қорнини тўйдириб қўймасди. Шунинг учун:
— Кетдик, Аслам, — деди Ҳазрати Умар. Икковлон у жойдан шоша-пиша кетаркан, ортларидан бир жуфт кўз ҳайрон қараб келди. Аёл қўлидаги капгир билан қозонни кавлаб: «Ҳозир пишади, болажонларим», дейишда давом этарди.
* * *
Тез-тез юриб Байтулмолга етиб келган Ҳазрати Умар у ердан бир қоп ун ва кўзада ёғ олди.
— Унни устимга орт, Аслам, — деди.
— Буни мен олақоламан.
— Айтганимни қил!
— Лекин уни мен ташишим керак.
— Онанг сени йўқотсин, Аслам! Қиёмат куни ҳам менинг гуноҳларимни гарданингга олиб, менга енгил нафас олдирасанми? Вақтни ўтказмай, қопни орт.
Ёнида халифа елкасига қоп ортиб кетаркан, ўзининг бундай эркин кетиши Асламга эриш туюлди. Лекин бошқа иложи ҳам йўқ эди. Аслам ёғни олгандан кейин қадамлар тезлашди.
Ниҳоят, гулхан кўзга ташланди. Аслам енгил нафас олди. Чунки оддий одам кўтаролмайдиган қопни ерга қўймай, деярли югуриб келиши Ҳазрати Умарни анча ҳолдан тойдиргани аниқ эди.
Бу сафар изн ҳам сўрамай чодирга киришди. Аёл ҳануз машғул эди, болалари эса тинмай йиғларди.
Ҳазрати Умар елкасидаги унни ерга қўйиб, қозондаги сув ва тошларни тўкиб ташлади. Унга озгина ёғ солди. Кейин ҳайрат тўла миннатдор кўзлари билан қараб турган аёлга:
— Унни сол, мен қораман! — деди.
Бу сафар ростакамига ҳам овқат пиширилаётганини болалар ҳам сездилар. Ҳазрати Умар хамир қора бошлади. Орада олов ўчиб қолай деганда, эгилиб, пуфлай кетди.
Воқеани айтиб бераркан, Аслам: «Ҳазрати Умарнинг қуюқ соқоллари орасидан чиққан тутунни ҳозир ҳам кўриб тургандекман», деган эди.
Ниҳоят, таом тайёр бўлди. Ҳазрати Умар аёлдан лаган сўради. Овқатни лаганга сузиб бир оз совушини кутди, кейин уни болалар олдига қўйди. Ўзи бир чеккага ўтиб, уларни кузата бошлади. Тутун ва ис босган юзида табассум пайдо бўлди. Аёл ҳам бундан мамнун ҳолда:
— Худо ҳаққи, халифаликка Умардан кўра сен лойиқроқсан. Аллоҳ рози бўлсин, сенга яхшилик ва эҳсонлар ато этсин, — дер эди.
— Аллоҳ сизларга ҳам яхшиликлар берсин. Эртага мўминлар амирининг олдига бор. Мени ўша ерда учратасан. Сенга ёрдам бериб юбораман.
— Ундай қилолмайман, — деди аёл. — Бориб унинг олдида кўз ёши қилолмайман.
Болалар ҳам қорни тўйгач, табассум қила бошлади. Улар бир-бири билан ҳазил-ҳузул қилиб ўйнарди. Охири уйқулари келиб, бир чеккага чўзилишди. Ҳазрати Умар ҳам ўрнидан турди.
— Аллоҳ роҳат берсин, — деб чиқиб кетди. Аёл у кишининг ортидан дуо қилганча қолди. Кўнглида кечаётганлари кўз ёшларидан ҳам кўпроқ эди.
Бир оз юргач, Ҳазрати Умар Асламга ўгирилди:
— Очлик уларнинг уйқуларига монеълик қилган эди. Мен уларнинг тўйгани ва кулишларини кўрмай кетишни истамадим. («Тарихи Табарий»)
Бу ажойиб фазилат эди. Расулуллоҳ: «Ким бир мўминни дунё ғамидан халос қилса, Аллоҳ ҳам қиёмат куни унинг ғамларидан бирини кетказади», деганлар. Ҳазрати Умар шунинг учун ҳам хурсанд эди. Шу билан бирга, бу каби оилалар қанча. Халифа ҳузурига келиб: «Биз болаларимиз қорнини тўйдиролмаяпмиз», дея олмайдиган қанчадан-қанча одам ҳаётнинг аччиқ лаҳзаларидан эзилиб, тушкунликда яшамоқда.
Ҳазрати Умар тунни бедор ўтказди. Лекин шу биргина тун мириқиб ухлайдиган кечалардан афзал эди. Бу кеча тарихда қоладиган кеча эди. Унинг қаҳрамонлари — буюк халифа, унинг сабрли қули ва Умарнинг олдига бориб кўз ёши тўкмай, қаноат ичра яшаган аёл. Уларнинг ҳаққига ўн тўрт асрдан кейин ҳам дуолар қилинажак, саломлар йўллаш учун Аллоҳ азза ва жалла томон қўллар кўтарилажак.
Куёви шаҳид кетган, қизи вафот этган бу аёл набираларини қачонгача боқа олади? Бир кун келиб, сабри тугайди ё ўша сабр уларни ўлимгача олиб боради.
Эртасига Ҳазрати Умар ҳузурига келган аёл кеча ким билан учрашганини фаҳмлади:
— Сиз кеча ҳолимиздан хабар олган ўша кишимисиз? Нега кимлигингизни айтмадингиз?
— Муҳими Умарни танишингиз эмас, эҳтиёжингиз қондирилишидир. Аллоҳ мададкорингиз бўлсин!