Ahmad Lutfiy Qozonchi. Hazrati Umar ibn Hattob (r.a.)  ( 82203 marta o'qilgan) Chop etish

1 2 3 B


AbdulAziz  23 Fevral 2010, 17:11:01

Ҳадиснинг китобат қилиниши

 

Ҳазрати Умар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини қоғозга кўчиришни ният қилди, бу йўлда мададкор бўлиши ва тўғри йўлдан адаштирмаслигини сўраб Аллоҳга ёлворди. Бир ой Аллоҳга дуо қилди. Чунки бу иш жиддий бўлиб, суннат ёздирилмаган тақдирда одамлар ёдидан кўтарилиши хавфи бор эди. Охири бир қарорга келиб, жиддий ҳозирлик кўра бошлади.

Лекин бир куни одамларга фикри ўзгарганини айтди. Сабаби суннат ёзиб қўйилгандан кейин, инсонлар тайёр китобга берилиб, Аллоҳ каломига эътибор сусайиб кетиши мумкин эди. (Ибн Саъд, «Табақот»)

Ҳазрати Умар бутун ҳаёт саҳобалар билан давом этади деб ўйлаганмикан? Кундан-кунга сафдагилар камайиб, ҳар бир саҳоба Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитган, билган нарсаларини ўзлари билан қабрга олиб кетаётган эди. Ахир улар ҳаммага ҳам ўзлари билганларини айтиб беролмасди! Суннат ёзиб қўйилмаса, бу ҳазина кейинги авлодларгача етиб борадими?

Қуръон Аллоҳга итоат қилишга, Унинг Расулига эргашишга буюради. Аллоҳга итоат Унинг каломида келган буйруқ ва қайтариқларни амалда жорий қилиш билан бўлади. Расулуллоҳга эргашиш эса, у зотнинг суннатларини ушлаш биландир. Борган сари кўлдан чиқиб бораётган бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларига қандай эргашиш мумкин? Пайғамбар алайҳиссалом юз йилдан кейин дунёга яна бир бор келиб, суннатлари қай аҳволдалигини кўрсалар, бошларига тупроқ сочиб, соқолларини юлмайдиларми?

Фурот дарёси қирғоғида бир ҳайвоннинг йўқолишидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларидан бирининг унутилиши мусибатлироқ эди. Ҳазрати Умар бир кун келиб Расулуллоҳни умуман кўрмаган одамларнинг суннати муҳаммадияга эҳтиёж сезишларини ҳам ҳисобга олиши керак эди.

 

Мадинадаги кўрик

 

Ҳазрати Умар Рабаза деган жойда кўрик ташкил қилишни буюрди. Бундан мақсад сафарга мўлжалланган отларни йиғиш эди. Тўрт мингта от йиғилди. Бу отлар қўшинга янги ёзилган ёки жангда отини йўқотган аскарларга берилди. Ҳар бир отни топширар экан, Ҳазрати Умар эгасига шундай дерди:

— Бу отга қарамасдан, ўз ҳолига ташлаб қўйсанг, ҳақини ундириб оламан. Жангда ўлса, унда майли. Қани, борақол! («Китобул хараж»)

Амирул мўминин бу кўрикка бир пайтлар ўзи озод қилган Хунай деган одамни бош қилиб, унга бир қанча тавсиялар берди:

— Марҳаматли бўл! Одамларга зулм, ҳақларига тажовуз қилишдан сақлан. Мазлумнинг дуоибадидан кўрқ. Чунки унинг дуоси қайтарилмайди. Бу кўрикка бир-икки қўй ё туя келса, зарар қилмайди. Лекин Усмон ибн Аффон ва Абдураҳмон ибн Авф каби ўзига тўқларнинг подаларини кўшма. Чунки уларнинг подаларининг қоринлари ўзларининг ерларида ҳам тўяди. Уч-тўрт ҳайвони борлар келса, менга учрасинлар. Ҳайвонларга ўт-ем бериш уларни зое қилиб, ўрнига олтин-кумуш беришдан енгилроқ. Бу ер мадиналикларнинг асл юртидир. Улар Исломдан аввал ҳам бу замин учун курашганлар. Улар туфайли динимиз шу тупроқда яшаб келди. Аллоҳ розилиги йўлида шу ҳайвонларни боқишга тўғри келмаганида, ҳеч қачон бу шаҳарни кўрик жойига айлантирмасдим ва бу тупроқнинг ўт-сувидан бировни маҳрум қилмасдим.

Ҳазрати Умар кейинчалик халифалик таркибидаги саккиз вилоятнинг ҳар бирида қурбига яраша от сақлашни буюрди. Масалан, ўша пайтда Куфада тўрт минг от боқилган, бу иш тепасида Салмон ибн Робия ал-Бохилий турган эди.

 

Хурмузон

 

Қодисияда мағлуб бўлган форслар атрофга сочилиб кетган эди. Хузистонга чекинган Хурмузон чиндан ҳам йирик мағлубиятга учраганини ҳис қилиб турарди. Форслар арабларни йиллаб боқа оладиган даражада бадавлат эди. Лекин бу сафар «уруш пул билан ютилади» қоидаси ишламай, иймон билан ғалабага эришилган эди. Ваҳоланки, қўшинлар сони нисбати бирга уч бўлиб, форслар олдинги сафга филларни ҳам қўйишган эди. Модомики, моддий тарафдан мутлақ устун қўшин шундай имкониятлари билан ҳам ғалаба қозонолмаса, демак, урушга таъсир қилган ва кутилмаган натижага сабаб бўлган бошқа омил бўлиши керак.

Хурмузон Хузистонга жойлашиб олиб, мағлубият аламини олиш учун Майсон, Дамистон каби ерларга ҳужум уюштиришни режалаштирди. Бу ерлар мусулмонлар қўлида эди. Унга қарши Басра волийи Утба ибн Ғазвон чиқди. Шу билан бирга, Саъд ибн Абу Ваққорсга хат жўнатиб, ёрдам сўради.

Саъд эса, икки тарафдан Хурмузонга ёрдам келиши мумкин бўлган йўлларни тўсди. Шу тариқа форс қўмондони Утба билан бирга-бир жанг қилишга мажбур бўлди.

Қўшинлар Дужайл (кичик Дажла) бўйида тўқнашди. Уруш авж олган паллада, Хурмузоннинг юрагига ғулғула тушди. У катта куч ва қудратга эга бўлган Рустамнинг мағлубиятга учраганини эслаб келди.

Дунёда яхши яшаш учун жангдан бошқа йўллар ҳам бор эди, зотан, жанг ҳаётнинг боши эмас, охиридир. У хабар бериб, сулҳ тузмоқчилигини билдирди. Унинг қарори Утбага етказилгач, мусулмон амири шу пайтгача олинган ерлар мусулмонлар қўлида қолиши шарти билан сулҳга рози бўлди.

Сал муддат ўтгач, Утба Басра ва унинг атрофидаги қабила бошлиқларидан иборат бир гуруҳ одамни Ҳазрати Умарнинг ҳузурига жўнатди.

Улар Мадинага етиб боришгач, халифа қабулига киришди. Ҳамма қабила бошлиқлари ўз одамлари учун нимадир сўради. Кейин бир йигит ўрнидан туриб:

— Эй мўминлар амири, волий кўрмаган жойларини хабарчилар орқали кўради, улар орқали эшитади. Куфадаги танишларимиз яхши ҳимояланган, суви чучук, серҳосил ерларга жойлашдилар. Экинни экар-экмас, униб чиқаверади. Бизлар эса унумсиз тупроқларда келиб қолдик. Бунинг устига бир тарафимиз чўл, бир тарафимиз денгиз. Даромадимиз кам, харажатимиз кўп. Бойларимиз оз, фақирларимиз бисёрдир. Пул сарфлаган нарсамиз ўзини оқламайди. Эй мўминлар амири, Аллоҳ бизга кенг ўлкаларни насиб этган. Маошимизга қўшиб беринг, илтимос. Қорнимизни тўйдира оладиган ерлардан ажратинг.

Йигитнинг эҳтиром ила сўзлашини завқ билан тинглаган Ҳазрати Умар:

— Сен кимсан, исминг нима? — деб сўради.

— Ахнаф ибн Қайс. Халифа йиғилганларга қараб:

— Бу бола басраликларнинг бошлиғи бўлади, — деди. Ҳазрати Умар бу йигитни илк бор кўриб турган бўлса-да, у ҳақда айтганлари тўғри эди. Ахнаф ақл, билим ва тажрибаси билан бугунгача ва бундан кейин ҳам ҳурматга сазовор инсон эди. Одамлар у ҳақда: «Ҳурмат-эътиборига путур етказишини билса, сувни ҳам ичмайди», дейишлари ҳам унинг қай даражада эҳтиёткор ва мулоҳазали одамлигини билдиради.

Ахнафнинг ягона айби кўсалиги эди. Соқол пулга сотиб олинганидами, йигирма минг дирҳамнинг ҳам бахридан ўтарди. У қиличини кўтарганда, юз минг қилич кўтариларди. Бу фикрлар Ахнафнинг қавми орасида қандай обрўга эга эканини кўрсатади.

У ҳаётда бошига қилич келса-да, фақат ҳақиқатни гапиришни одат қилган эди. Масалан, бир куни Муовия ибн Абу Суфён ўғли Язид ҳақида сўраганида, барча одамлар унинг яхши томонларини айтиб, тайинланаётган лавозимига лойиқ эканини билдирар, Ахнаф эса жим турар эди. Шунда Муовия унга:

— Абу Баҳр, сўз навбати сенга, — деди.

— Ёлғон гапирай десам, Аллоҳдан қўрқаман, рост гапирсам, сиздан, — деб юксак жасоратини маданий йўл билан билдирган эди...

Ҳазрати Умар Утбага бир мактуб ёзди. Мактубни олган Утба Ахнафнинг қабиласига улар сўраган жойдан ер ажратди.

Бундан ташқари, мактубда Ҳазрати Умар Утбага Ахнафнинг маслаҳатларидан фойдаланишни ҳам тавсия қилган эди. (Ибн Асир, «Ал-комил»)

 

* * *

 

Сулҳ туфайли бир оз тинчиган Хурмузон баъзи воқеаларни унутди. У Ироқ жанубида яшайдиган араб бўлмаган қабилалар билан тил топишди. Бундан Ғолиб ва Қулайб қабилалари мусулмон қўмондонларига шикоят қилишди. Вазиятдан аввал Утба, кейин Ҳазрати Умар хабардор бўлди. Мадинадан Хуркус ибн Зуҳайр бошчилигида мадад кучлари жўнатилди. Улар Дажла бўйида бошқа мусулмон аскарлари билан бирлашиб, кўприкдан ўтдилар.

Хурмузон билан бўлган жангда мусулмонлар душманни тор-мор келтирдилар. Хурмузоннинг ўзи эса Тустар шаҳрига қочди, мусулмонлар унга етолмадилар. Хурмузон, дунё нафас олиб бўлмайдиган даражада тор, дея ўйлай бошлади. Ҳаммаёқда ўзини қидириб юрганларини билган форс қўмондони иккинчи бор сулҳ тузишга мажбур бўлди.

Хуркус Хурмузондан тортиб олинган ерларга эгалик қилиб, Ахваз ўлкасидаги тепаликларга жойлашди. Аҳоли эса, у ерга чиқиб тушишга қийналар эди. Вазиятдан хабар топган Ҳазрати Умар дарҳол Хуркусга хат ёзди. Хатда текис ерларга жойлашиш, мусулмон ё зиммий бўлишидан қатьий назар, зўравонлик қилмасликни буюриб, одамларга юмшоқ муомалада бўлишни, акс ҳолда дунёга берилиб, охиратни унутиб қўйиш мумкинлиги эслатди. (Ибн Асир, «Ал-комил»)

 

* * *

 

Яздажирд Марв шаҳрига келиб қолди. Йирик давлат ҳукмдори таназзулга юз тутган мамлакатда оддий ҳокимлик лавозимига тушиб қолган эди. Қанча ерлар, беҳисоб бойлик, енгилмас лашкари бой берилди. Унинг ягона мақсади мусулмонларни ўз ерларидан ҳайдаб чиқариб, олдинги дабдабали ҳаётга қайтиш эди. Аста яширинча режалар туза бошлади. У Ахвазга, кейин Тустарга мактуб жўнатди. Худди шу дард билан яшаётган Хурмузон унга розилигини билдирди. Яздажирднинг хуфёна ҳаракатларидан огоҳ бўлган Хуркус дарҳол Утбага хабар берди. Утба эса, пойтахтни вазиятдан хабардор қилди. Тустарда турган Хурмузон қамалга олинди. Бир неча ой давом этган қамал давомида саксондан ортиқ тўқнашувлар юз берди. Ушбу тўқнашувларнинг баъзиларида форслар устун келган бўлса, баъзиларида мусулмонларнинг қўллари баланд келди. Бу жангда Анас ибн Моликнинг укаси Баро жонбозлик кўрсатди. Бир куни жанг энг қизиган пайтда Баронинг олдига келиб:

— Дуо қил, Баро, Аллоҳ буларни тор-мор қилсин! — деди.

Баро ҳам қўлларини кўтариб:

— Аллоҳим, бизга мадад бер, уларни мағлуб қил, менга эса шаҳидликни насиб эт,— деб дуо қилди.

Ўша куни мусулмонлар ўзгача ғайрат билан олишдилар. Охири душман тараф чекиниб, қалъаларига қамалиб олди. Энди улар ғалабадан умидларини узган эдилар. Ўша кун қоронғу тушай деб қолганда, Абу Мусо Ашъарийнинг ёнига бир ўқ учиб тушди. Унда қандайдир мактуб бор эди. Мактубда: «Ҳаётимни асраб қолишга кафолат берсангиз, қалъага олиб кирадиган йўлни кўрсатаман», деб ёзилган эди.

Ишора қилингач, иккинчи ўқ тушди. Ундаги мактубда: «Сув оқадиган тарафга келинг», дейилган эди.

Амир ибн Абдуқайс бошлиқ бир гуруҳ жангчилар кечаси ўша тарафга юрдилар. Уларга бир киши пешвоз чиқиб, бир одам сиғадиган йўлак оғзига бошлаб борди.

Орадан бир оз вақт ўтгач, йигитлар қалъага кириб олиб, дарвозани очиб юбордилар ва баланд овозда такбир айтдилар Мусулмонлар такбир айтганча шаҳар кўчаларига кирган пайт уйқусираган форслар ҳеч нарса қилолмадилар. Бу кеча мусулмонлар ҳам, форслар ҳам жуда кўп одам йўқотди. Баро ибн Молик ҳам шаҳидлар орасида эди.

Хурмузон чорасиз келди: ё таслим бўлиш керак ёки ўлиш! Узоғи билан икки соат ичида мусулмонлар қаср эшигигача етиб келиб, ҳаётига нуқта кўйишлари мумкин...

 

* * *

 

— Мени Умар ибн Ҳаттоб билан учраштиришга сўз берингиз. У менинг устимдан чиқарган ҳукмга розиман.

Хурмузоннинг таклифи қабул этилди. Қўлларини боғлаб, Анас ибн Молик билан Ахнаф ибн Қайс иштирокидаги аскарлар гуруҳи билан Мадинага жўнатилди. Мадинага яқинлашганларида Хурмузонга ёқут билан безалган тож ва ҳукмдорлик пайтидагидек шоҳона либослар кийдирилди. Кўпчилик мусулмонлар Хурмузонни умрларида кўрмаган кийимда кўриб, ҳайрат билан кузатарди.

 

* * *

 

Хурмузон ҳаяжонланарди. Ҳозир Форсни яксон қилган мамлакат раҳбари билан учрашади. Шаҳар четидаги маҳаллалардан марказга қараб илгариларкан, ҳамма ёқ бир хил эди.

Одамлар Ҳазрати Умарнинг масжидда эканини айтишди. Юра-юра ғиштли, усти хурмо шохлари билан епилган пастак бино олдида тўхташди. Бу бино ҳам бошқаларидан фарқ, қилмасди. Ичкарига киришди. Ерга шағал ёткизилган, зич қилиб ўрнатилган тирговуч-устунлар томни тутиб турарди. Бу ерда биргина одам ухлаб ётар, бошқа ҳеч ким йўқ эди. Қаерга келиб қолганини ҳалигача англамаган Хурмузон чидолмади.

— Халифа шу ерда деб айтмабмидингиз?!

— Мана бу одам халифамиздир.

«Мен билан ҳазиллашяпсиз, шекилли?» Бу Хурмузон кўзларида зуҳур этган савол эди. Лекин одамларнинг ўзларини тутишларида ҳазил аломати йўқ. Ҳамма кийиб юрадиган ридонинг биттасини белдан пастга, биттасини елкага ташлаб олиб ухларди. Қисқа қилиб айтганда, ташқаридан қараган одам бу кишини мўминлар амири, демасди.

— Хизматкорлар, қўриқчилар қани?

— У кишининг хизматкорлари, эшикбонлари, қўриқчилари йўқ.

— Халифанинг ҳузурида эканимизга ишончингиз комилми?

— Ҳа, халифамиз шу киши.

Хурмузон беихтиёр деди:

— Худди бир пайғамбарга ўхшайди.

— Йўқ, у пайғамбар эмас. Унинг йўлини тутган халифа. Бу гап-сўзлардан Ҳазрати Умар уйғониб кетди. Қаршисидаги султон либосини кийиб олган одамга қараб туриб:

— Хурмузонми? — деб сўради.

— Ҳа.

— Бу ва унга ўхшаганларни тиз чўктирган Аллоҳга ҳамд бўлсин, — деди.

Кейин Ҳазрати Умарнинг амри билан Хурмузон эгнидаги кийимлар ечиб олиниб, ҳамма кийиб юрган либослар берилди.

— Хурмузон, келишувларни бузиш қандай оқибатга олиб келишини кўрдингми?

Муғийра ибн Шўъба Ҳазрати Умарнинг гапларини қўлидан келганича Хурмузонга таржима қилди. Хурмузон совуққонлик билан:

— Умар, жоҳилият пайтида Аллоҳ сиз билан бизнинг ўртамизда эди. У бирор тарафга ён босмасди. Ўшанда бизни сиз билан якка қолдирган ва биз ғолиб чиққан эдик. Ҳозир У сиз билан бирга. Шунинг натижасида сизлар бизни мағлубиятга учратдинглар.

— Хўп, икки марта келишувни бузишингта нима сабаб бўлди? Узрли баҳонанг борми?

— Сув ичсам майлими?

Ҳазрати Умарнинг ишораси билан пиёлада сув келтиришди. Хурмузон умрида бунақа пиёла кўрмаган эди.

— Сувсизликдан чанқаб ўлсам ҳам, бунақа пиёладан сув ичмайман.

Бошқа пиёлада сув олиб келдилар.

— Шу сувни ичмасимдан олдин мени ўлдирмаслигингизга ишонсам бўладими?

— Албатта, бемалол ичавер.

Хурмузон пиёладаги сувни ерга тўкиб ташлади.

— Энди мени ўлдиролмайсиз, мўминлар амири.

Ҳазрати Умар бундан ғазабланди:

— Сен сичқон-мушук ўйнаяпсан. Худо ҳаққи Исломни қабул қилмасанг, сен учун ўлимдан бошқа йўл йўқ. Бу хийлангни қабул қилмайман.

Уйин ва найранг билан иш битмаслигига кўзи етгач, у шаҳодат калималарини айтди.

Ҳазрати Умар энди одамларга қараб:

— Эхтимол, мусулмонлар зиммийларга азият бераётгандирлар. Шунинг учун улар келишувни бузаётгандир?

— Ундай эмас, мўминлар амири, биз адолатли иш юритяпмиз. Бу одамларга зарар етказилмайди

Кейин Ахнаф ибн Қайс сўз олди:

— Мўминлар амири, сиз бизга қўл остимиздаги ерларда айланиб юришимизни таъқиқладингиз. Ҳолбуки, Форс ҳукмдори ва бошлиқлари халқи билан биргаликда бизга қарши бош кўтармоқдалар ёки манови одамларга ўхшаб келишувни бузяптилар. Модомики, бир ерда икки ҳукмдор бор экан, бири иккинчисини суриб чиқармагунча урушаверади. Бизга уларнинг ерида юришга рухсат берилмагунча аҳвол шундайлигича қолаверади. Агар биз шундай йўл тутиб, уларнинг бошлиқларини йўқотсак, улар умидларини узадилар.

—Худо ҳаққи, тўғри гапирдинг.

Ҳазрати Умар аввалги учрашувдагидек Ахнафни олкишлаб қўйди.

Лашкар қўмондонларига юборилган номада Форс ерларида юришга рухсат берилди. (Ибн Асир, «Ал-комил»).

 

Хайбар

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хайбар фатҳ қилинганида у ердаги яҳудийларни чиқариб юбормоқчи бўлган эдилар, аммо улар: «Сизлар бу ерларнинг қадрига етмайсизлар. Биз экин экайлик-да, ҳосилини сизларга берайлик», дейишган эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг таклифини қабул қилганлар, лекин: «Истаган пайтимизда сизларни бу ердан чиқариб юборишимиз мумкин», деб айтганлар. Бу билан «Агар ўзингизни тутиб яшамасангиз, жазоингизни оласиз», демоқчи бўлганлар.

Уша воқеадан икки йил ўтиб, Абдуллоҳ ибн Равоҳа келди ва ҳосилни иккига бўлди.

— Бу сизга, мана буниси бизга.

— Тўғри тақсимламадинг, Абдуллоҳ— дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам.

— Унда ажратган қисмимизни биз олайлик, бизникини сиз олинг.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошларини эгиб, ўйланиб қолдилар. Бирон нарса демадилар. «Тўғри тақсимламадинг», деганлари ноўрин эди. Абдуллоҳ бошқа бир таклиф киритди:

— Истасангиз, ҳосилнн аралаштириб бошқатдан тақсим қилинг. Танлаш эса, менга қолсин.

— Сен адолат билан тақсимладинг. Таклифларинг ҳам адолатли. Еру кўк ҳам шу адолат билан туради, аслида, — дедилар Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам.

Аммо одамлар Абдуллоҳнинг адолат билан тақсим қилмаганини айтишди. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ишнинг осон тарафини кўрсатдилар:

— Унда, бизникини сиз олинг, ўзингизникини бизга беринг.

Яҳудийлар шошиб қолишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу билан Абдуллоҳга бўлган ишончларини билдириб қўйдилар.

Абдуллоҳ ибн Равоҳа бу вазифани яна бир йил бажарди, кейинги йили Мутъа жангида шаҳид бўлди. Унинг ўрнига Жаббор ибн Сахр тайинланди. Жаббор машҳур шоира Хансонинг ўғли эди. Хансо шеъриятда бўлгани каби, иймон ва сабр йўлида ҳам яловбардорлардан эди. У бир жангда тўрт нафар ўғлининг шаҳид бўлганини эшитиб ҳам ўзини йўқотмаган, иймонига заррача путур етказмаган эди.

Жаббор вазифасини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик чоғларида қоилмақом қилиб уддалади.

Бир куни уч-тўрт мусулмон яҳудийлардан хурмо олмоқчи бўлишди. Ишга киришганларида ораларидаги Абдуллоҳ ибнн Сахл қандайдир иши борлигини айтиб, уларнинг олдидан кетди. Лекин орадан бир неча соат ўтса-да, ортга кайтмади. Ҳамроҳлари ҳавотирланиб, уни қидира бошладилар. У ер-бу ерни қараб, уни сув бўйидан топдилар. Абдуллоҳни кўриб пешоналаридан совуқ тер чиқиб кетди: у ерда чўзилиб ётар, калласи кесилган, танаси жонсиз эди. Атрофда ҳеч зот йўқ. Қидириб кўрдилар, лекин на билган ва на кўрган киши чиқди. Чорасиз қолиб, Абдуллоҳни дафн этдилар.

Абдуллоҳнинг укаси Абдураҳмон ибн Сахл ёнига акасининг икки ўғли Мухаййиса ва Ҳуваййисани олиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига йўл олди. Кичик ўғил жуда ғайратли эди, шунинг учун гапни биринчи бўлиб, у бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам гапни катталар бошлаши кераклигини айтганларидан кейин жим бўлди. Улар бўлган воқеани айтиб бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улардан қотилни топган-топмаганларини сўрадилар. «Билмаймиз», дейишди улар. Энди ўша пайт марҳум турган  жой атрофида бўлган эллик кишига қасам ичирибгина қотилни топиш мумкин эди, холос.

— Биз Бани Исроилнинг қасамларига ишонмаймиз, эй Расулуллоҳ. Улар сизнинг ҳақ пайғамбар эканингизни билатуриб, инкор қилмоқдалар, виждонлари қийналмайди. Энди ёлғон қасам ичишдан ҳам қайтмайдилар.

Бу гапда жон бор эди. Агар қотилни билсалар, лекин гувоҳ, бўлмаса, ҳар бир кишига эллик марта қасам ичирилади. қасамнинг элликта бўлишига сабаб, инсофли одам Аллоҳни гувоҳ қилиб, кетма-кет бунча ёлғон қасам ичолмасди. Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хайбар халқига хат ёзиб қотил ҳақида сўрадилар. Улар қотилни билмасликларини айтиб, турли қасамлар ичиб ёзилган мактубни жўнатишди.

Абдуллоҳнинг яқинлари билдирган эътироз ҳақ бўлиб чиқди. Аллоҳнинг китоби Тавротни таниб бўлмас даражада ўзлари истаган тарзда ўзгартирган ва Расулуллоҳга кўз кўриб қулоқ эшитмаган бўхтон тошларини отган бу орсиз кимсалар бир жиноятчини яширишдан ҳам тоймас эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳн ва саллам юкоридагидек жавоб олгач, Абдуллоҳнинг хун баҳоси учун юзта туя бериб юбордилар. (Муслим, «Қасамлар» боби)

 

* * *

 

Хайбарликларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан кейин ҳам бир неча бор юқоридаги каби адолатли муомалалар қилинди. Лекин улар ҳеч қониқмасдилар. Тинч ва хотиржам кун кечиришдан кўра, фитна-фасод чиқариб яшашни афзал кўрардилар.

Ҳазрати Умар даврларида уч киши Хайбарга келди. Улар Зубайр ибн Аввом, Миқдод ибн Асвад ва Абдуллоҳ ибн Умар эдилар. Келишларидан мақсад ўзларига тегишли ердан хабар олиш эди. Шунинг учун ҳар бири ўзининг боғига қараб йўл олди.

Ўша тун Абдуллоҳ ибн Умар қаттиқ чарчоқдан ширин уйқуга кетди. Қаттиқ уйқуда кимдир ётган ўрни билан кўтарганини ҳам сезмади. Фақат бир неча қадамдан кейин ерга қулагандан сўнг қаттиқ оғриқдан уйғониб кетди. Лекин энди кеч эди. Икки кўлида ҳам қаттиқ оғриқ сезди. Бутун вужуди зирқираб оғрир эди. Атрофда ҳеч ким кўринмасди. Ҳар ҳолда уни ерга улоқтириб кетганлар ёрдамга келмайди. Уч-тўрт дақиқа ўтиб, синган қўлларидаги оғриқ кучая бошлади. Бора-бора оғриқ чидаб бўлмас даражага етди. Абдуллоҳ шояд атрофдагилар ёрдамга келса, деган умидда бакира бошлади. Аммо унга ҳеч ким ёрдамга келмади.

Отаси амирул мўминин бўлган йигит ҳаётидаги энг узун, энг ёқимсиз тунни ўтказди.

Қуёш заррин нурларини Хайбарга соча бошлаган бир пайтда, Зубайр билан Миқдод ёш ҳамроқларини кутишар эди. Аммо келавермагач, унинг ёнига йўл олишди. Абдуллоҳнинг аҳволини кўриб, ақллари шошди: у хушсиз ётарди. Унинг икки қўли ҳам тирсакдан синган эди. Икковлон синган қўлни боғлаб қўйишди. (Ибн Ҳишом)

 

* * *

 

Бир пайтлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг устларидан тегирмон тошини ташлаб юбормоқчи бўлган яҳудийлар Ибн Умарга ҳам ачинмадилар. Бу улар кўрсатаётган илк ҳунар эмасди.

Тундаги воқеани ким амалга оширганини аниқламоқчи бўлган Зубайр билан Миқдоднинг ҳаракатлари зое кетди. Ҳеч ким ҳеч нарса билмасди. Одамлар, ё Абдуллоҳ ўзидан ўзи йиқилиб тушган, ё бу иш жинларнинг иши, дейишдан нарига ўтмади. Бунақа масалада ёлғон гапириш ёки сувни лойқалатиш Бани Исроил учун уятли эмасди. Улардан яхшилик кутишнинг ўзи нотўғри эди. Чорасиз қолган мусулмонлар Мадинага қайтишди.

Ҳазрати Умар ўғлига қилинган суиқасдни эшитиб, бу ишни бир ёқлик қилиш кераклигини англади. Бир куни минбарда туриб, қарорларини маълум қилди. Даставвал мусулмонларга Хайбар аҳлидан оладиган пуллари бўлса, олишни буюрди. Кейин Хайбарга хабар жўнатиб, Тайма ва Арихага сургун қилинишларини билдирди. Яҳудий оқсоқолларидан бирининг: «Муҳаммад бизга бу ерда қолишга рухсат берган эди», деган илтимоси ҳам ўтмади. Мадинадан қувилиб, Хайбарга кўчиб келган яҳудийлар бу сафар хайбарликларнинг бошига бало бўлди. (Бухорий, «Шартлар» боби)

 

Мадоин

 

Қодисиядаги ғалаба хушхабарини Мадинага етказган Саъд ибн Абу Ваққос пойтахтдан навбатдаги буйруқни кутиб, орада икки ой дам олди.

Ниҳоят, Мадинадан келган мактубда Ҳазрати Умар энди форсийларга охирги зарба беришни ва пойтахт Мадоин шаҳрини қўлга киритишни буюрган эди. Бу сафар жангда аёллар иштирок этмади. Улар Отиқ деган жойда қўриқчилар назоратида қолишди.

Саъд ибн Абу Ваққос атрофда тарқоқ ҳолда юрган гуруҳларга хабар юбориб, уларни асосий қўшинга жалб этди. Тайёргарлик ниҳоясига етгач, ҳижратнинг 15 йили шаввол ойининг охирларида юришга амр берди. (Ибн Асир, «Ал-комил»)

Илк тўхташ жойи Дажла дарёсининг бериги кирғоғидаги бир шаҳарча эди. Мадоин ва бошқа шаҳарлар дарёнинг нариги тарафида эди.

Қўшиннинг олдинги сафларида ҳаракат қилаёттан Ҳошим ибн Утбага тўсатдан бир шер ҳужум қилиб келди. Ҳошим ҳам дарҳол қиличини суғурди. Шер бор кучи билан сакраб, унга ташланди. Ҳошим эса, қиличини сермади. Қисқа муддат давом этган олишувдан сўнг шерлардан бири зўрға оёққа турди, иккинчиси қимир этмай қолди.

— Худо қувват берсин, Ҳошим, шер шерни енгди.

— Ишни қойиллатдинг Утбанинг ўғли. Атрофдагилар Ҳошимни самимий олқишлашарди. Улар бу жангни юзлари оқарганча ҳаяжон ичра кузатган эдилар.

Кейинроқ келиб қолган Саъд ибн Абу Ваққос жияни ҳақида эшитиб, севиниб кетди ва унинг пешонасидан ўпиб, дуо қилди. Бир оз дам олинганидан кейин қўшин яна йўлга тушди. Мусулмонлар араблар Бахурасир деб атайдиган Ардашер шаҳрини қамал қилдилар. Қалъа атрофига манжаниқлар ўрнатилиб, деворлар қулатилди. Шаҳар аҳолиси қалъадан ташқарида жанг қилишга қўрқди ва ичкаридан туриб ўқ, тош ота бошлади. Шу ҳолатда қамал икки ой давом этди. Бироқ кунлардан бир кун вазият бирдан ўзгариб, мусулмонлар қалъа бўм-бўш эканини сезиб қолдилар. Кейинроқ, одамлар бир-икки кун ичида қалъани тарк этиб, Дажлани кечиб ўтганлари маълум бўлди. Қалъага кирилган заҳоти баланд овоз эшитилди:

— Аллоҳу акбар! Мана Кисронинг оқ саройи! Эй мўминлар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга буни ваъда қилган эди.

Ҳайқираётган Дирор ибн Ҳаттоб эди.

Кўпчилик ўн бир йил бурунги воқеаларни эслади. Қурайш ҳужумларидан ҳимояланиш учун хандақ қазилар экан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир тошни парчалаб: «Аллоҳу акбар! Шу онда Кисронинг оппоқ саройларини кўряпман», деган эдилар. Ўша дам Расулуллоҳга Мадина атрофига хандақ қазишни маслаҳат берган Салмон Форсий ҳам шу ерда эди.

Дирор бу гапларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитмаганди, Чунки ўша пайт у қарши тараф одами эди. Ҳатто хандақдан ошиб ўтиб, мусулмонлар билан жанг ҳам қилган эди. У пайтлар Дирор Исломни илдизи билан қўпориб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак вужудларини йўқ қилишга тайёр, ҳатто буни ўзига шараф деб биларди. У Ухуд жангини хотирлар экан «ўн бир нафар мусулмонни ҳурларга эш қилдим», деган, бу билан ўн бир нафар мўминни ўлдирганини айтиб мақтанган эди.

Макка фатҳига қадар Дирор Ислом ва мусулмонларга қарши аёвсиз кураш олиб борди. Шаҳар фатҳ этилганда барча йўллар кесилганини кўриб, Расулуллоҳнинг ҳузурларига келди ва муборак қўлларини тутиб, шаҳодат калималарини келтирди.

Дирор бир кун Ҳазрати Абу Бакр билан суҳбатлашиб ўтираркан:

— Биз Қурайшга нисбатан сизлардан яхшироқ муносабатда бўлдик, — деди.

— Қандай қилиб?

— Биз ўлдирган қурайшийлар жаннатга тушдилар, сизлар ўлдирганингиз эса жаҳаннамга. (Ибн Ҳажар, «Ал-исоба»)

Дирор жоҳилият даврида ашаддий мушрик бўлган бўлса, Исломни қабул қилгач, шу қадар яхши мусулмон бўлди. Оппоқ кўшкларга кўзи тушиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан боғлиқ хотираларни ёдга солувчи сўзларни айтиб юборди. Унинг гаплари қолганларнинг ғайратига ғайрат қўшди ва такбир садолари шаҳарни зир титратди. Мусулмонларнинг бир қисми шаҳарда қолдириб кетилган нарсаларни тўпларкан, яна бир қисми дарёнинг нариги қирғоғига ўтиш чорасини қидирар эди. Чунки одамлар ҳамма қайиқларни нариги қирғоққа олиб кетишганди.

Бир неча кундан кейин бош қўмондон ҳузурига келган одам Дажлани кечиб ўтиш учун энг яхши жойини кўрсата олишини билдирди. У ўша жойда сув белдан юқори чиқмаслигини айтди. Лекин Саъд қўшиннинг сувни кечиб ўтишига рози бўлмади. Чунки сувга тушган одам яхши суза олиши ҳам керак эди. Ҳолбуки, қўшинда яхши суза оладиганлар жуда кам эди. Мусулмонлар Дажлани кесиб ўтишни истарди, лекин бунинг иложи йўқ эди. Бу нарса ҳатто тушларга ҳам кира бошлади. Бир кун лашкарбошининг зиёратига келган одам: «Тушимда қўшин дарёни кечиб ўтганмиш», деди. Бошқа одамлар ҳам шунга ўхшаш туш кўрган эди. Ниҳоят, қўмондонлар йиғилиб, машварат қилишди. Машваратга тўпланганлар бу ерда ўтираверишдан фойда йўқлигини айтиб, Дажлани кечиб ўтиш керак, деган қарорга келдилар. Ҳалиги одам кўрсатган жойга бордилар. Бу ер ростдан ҳам кечув учун қулайлигини исботлаш керак эди. Одамлар сўзга эмас, кўзга ишонардилар.

Яна бир масала — нариги қирғоққа ўтилган тақдирда, у ерда кутиб турган душман билан дуч келиб қолиш мумкин эди.

— Биринчи бўлиб ким ўтади?

Осим ибн Амр жавоб берди:

— Мен!

— Аллоҳ мададкоринг бўлсин.

Осим ёнига олти юз кишини олиб, оти билан сувга тушди. Кўпчилик ҳаётида биринчи бор дарёдан кечиб ўтаётган эди. Бундан ташқари, бу одамлар отлари қанчалик яхши сузишини билмасди. Арабистон шароитида ўсган, денгиз, кўл, дарё нималигини билмаган одамлар канақанги тажрибага суяниб отларининг сузишини била оларди? Аллоҳнинг қудрати билан биринчи марта сувга тушган отлар худди ҳар куни сувда юргандек суза бошладилар. Ярим дақиқадан кейин отлиқлардаги ҳаяжон босилиб, таҳликага ўрин йўқлиги уларни қувонтирди. Энди улар душман ҳақида ўйлашлари керак эди. Чунки нариги қирғоқда рақиб аскарлари уларни кутиб турарди.

Осим шерикларининг руҳини кўтарадиган гапларни айтиб борди. Рақибга яқинлашганда ёй ва найза билан уларнинг кўзини нишонга олиш кераклигини таъкидлади.

Сувдан қирғоққа чиқиб олиш, тахмин қилинганидек, осон кечмади. Чунки форслар дарё қирғоғида мусулмонларни қўлларидан тортиб сувдан чиқариб олиш учун турмаган эдилар. Улар ҳам қуролланган, улар ҳам ёй-найзага эга эдилар.

Кутилганидек қаттиқ олишув бўлди. Осим берган кўрсатмалар қўл келиб, мусулмонларнинг илк гуруҳи қийинчилик билан бўлса-да, қуруқликка чиқиб олди.

Саъд ибн Абу Ваққос сал хотиржам бўлди. Бош қўмондон уларни кўз узмай кузатиб турар, шу билан бирга дуолар қилиб, Парвардигордан мадад сўрар эди. Эндиги вазифа тезда нариги тарафга ўтиш ва Осим бошлиқ мусулмон аскарларини ёлғиз қолдирмаслик эди. Қўшин ҳаракатга келди. Бу иш унчалик хавфли эмаслигини кўрган мусулмонлар отлари устида бемалол дарёни кечиб ўта бошладилар. Саъд дуо қилишдан тўхтамас, жангчиларга «ҳасбуналлоҳи ва неъмал вакил» («Аллоҳ бизга кифоя ва У энг яхши вакилдир»), деб дуо қилишни таъкидлар эди. Бир пайт Қаъқанинг одамларидан бири отдан йиқилиб, сув оқизаётган аскарни кўриб келди. Отини ўша тарафга бурди ва ҳалиги аскарни сувдан чиқариб олди. (Ибн Асир, «Ал-комил»)

Кечув давом этди. Бир оз муддатдан сўнг дарёнинг икки қирғоғи орасида инсонлардан иборат кўприк қурилгандек манзара ҳосил бўлди. Жангчиларнинг қўлларида тик тутилган найзалар чўлдаги қамишларни ёдга соларди.

Қирғоқдаги жанг эса, ҳамон давом этарди. Осим бошлиқ олти юз кишини қайтиб дарёга суриш ниятидаги форслар жиддий қаршиликка дуч келдилар. Жангнинг ортиқ бундай давом этиши мумкин эмасди. Чунки асосий қўшин ҳам қуруқлик сари тобора яқинлашиб келарди. Энди аста-аста чекинишидан ўзга чора йўқ эди. Форслар қарор қабул қилиб, қоча бошладилар.

Яздажирд эса, сал аввалроқ ҳаракат қилиб, оила аъзоларини олиб Ҳулвонга етиб олган эди. Унинг ҳеч нарса демай кетиб қолиши қолганларнинг ҳам қочишини англатарди. Бу билан у яхши бошлиқ эмаслигини кўрсатиб қўйди. Кемани энг охири тарк этиш керак бўлган вазиятда энг биринчи қочиб, номига ярашмайдиган иш қилди. Бу ҳаракатлари билан у халқининг ишончига сазовор эмасди.

Мусулмонлар шаҳарга кирдилар. Шаҳар бўм-бўш бўлиб, фақатгина Яздажирднинг оппоқ саройига яширинган бир ҳовуч одам қолган эди. Салмон розийаллоҳу анҳу уларга форс тилида ўзи ҳам форсий эканини, Исломни қабул қилсалар, барча хуқуқ ва мажбуриятларда мусулмонлар билан баравар бўлишларини гапирди. Исломни қабул қилмасалар, жизя тўлашларини айтди. У ҳам бўлмаса, тўртинчи кун ҳужумга ўтишларини айтиб огоҳлантирди. Уч кун мобайнида саройдан овоз чиқмади. Тўртинчи кун халқ эшикларини очиб, таслим бўлди. («Тарихи Табарий»)

Саъд шаҳарнинг, айниқса, саройнинг аҳволини кўриб, ушбу оятларни ўқиди: «Улар қанчадан-қанча боғларни, чашмаларни, экинзорларни ва улуғ гўзал жойларни қолдириб кетдилар. Ва (қанчадан-қанча) ўзлари вақтичоғлик қилган неъматларни (қолдириб кетдилар). Шундай қилиб, Биз у (неъматларни) бошқа қавмга мерос қилиб бердик!» (Духон сураси, 25-28-оятлар)

Кейин фатҳни насиб эттани учун Аллоҳга шукрона қилиб, саккиз ракъат намоз ўқиди. («Тарихи Табарий»)

Шундай қилиб, Форс пойтахти Мадоин бўм-бўш кўчалари билан мусулмонларни қарши олди, фатҳ ниҳоясига етди. Саройда оҳакдан ясалган бир нечта инсон ва ҳайвон ҳайкаллари бор эди. Саъд уларга тегмади. Улар намозларини қаср қилмасдан ўқидилар. Яна бу ҳафта анчадан бери ўқилмаган жума намозини ҳам ўқидилар. 16 ҳижрий йилнинг сафар ойи эди. Сарой айвони масжид қилинди. Бўш қолган уйларга мусулмонлар жойлашдилар. Жалула, Мусул, Такрит шаҳарлари фатҳ этилгунига қадар Саъд Мадоинда туриб, кейин ортга қайтмоқчи эди. («Тарихи Табарий»)

Яздажирд ва Мадоин аҳли фақат енгил нарсаларнигина олиб кетган бўлиб, ортларида кўзни қамаштирувчи кўпгина мол-мулк қолган эди. Қочганларни таъқиб этган аскарлар етиб олиб, қўлларидаги молларини тортиб олдилар ва ғанимат молига қўшдилар.

Қаъқа олиб келган ғанимат моллари орасида бир нечта ҳукмдор ва қўмондонларнинг қиличлари бор эди. Саъд унга Баҳромнинг совутини берди ва ўзи истаган қилични танлаб олишни таклиф қилди. Қаъқа Ҳирақлнинг қиличини олди.

Абу Убайда ўша кунги хотираларини ёдга олар экан, ушбу воқеани айтиб берган эди: «Мен танимайдиган одам бир туяга юк бўладиган мол билан келди ва уни ғаниматга жавобгар одам қўлига топширди. Ўша ерда ҳозир бўлганлар ёқаларини ушлаб:

— Ҳали бунақасини кўрмаган эдик, — дедилар. Кимдир:

— Ўзингга ҳам нимадир олганмисан? — деб сўради.

Бу гапдан бояги одамнинг жаҳли чиқди-да:

— Агар Худодан қўрқмаганимда, уни сизга олиб келмаган бўлардим, — деди.

— Кимсан? Исминг нима?

— Айтмайман. Мақсадим сиздан мақтов ва олқиш эшитиш эмас. Менга Раббим берадигани етади. Шунинг учун Унга ҳамд айтаман.

У шу гапларни айтиб чиқиб кетди. Биз бундан қаттиқ таъсирландик. Билдирмай изидан эргашдик. Шериклари ёнига боргач, унинг кимлигини сўрадик.

— У Омир ибн Абду Қайс, — дейишди. («Тарихи Табарий»)

Омир ибн Абду Қайс иймон, амал ва ихлос йўлини махкам тутган инсон эди.

Ҳали кунлардан бир куни Ҳазрати Усмоннинг ҳузурига келиб, халқ номидан халққа ёқмаётган нарсаларни айтиб беради. Бундан Ҳазрати Усмоннинг жаҳли чиққб:

— Вакил қилинган шу одам Аллоҳ ҳақида билимга эга деб ўйламайман. Қани айт-чи, Раббинг қаерда? — деб сўрайди.

Омир Вал-Фажр сурасининг: «Шак-шубҳасиз, Парвардигорингиз (барча нарсани) кузатиб тургувчидир», оятини ўқиб:

— Шу он Аллоҳ сизни ҳам, мени ҳам кузатиб, назорат қилиб турибди, — дейди. Ҳазрати Усмон ташқи кўринишга қараб, бу одамга нотўғри баҳо берганига хижолат бўлиб қолади.

 

* * *

 

Саъд ибн Абу Ваққос лашкарнинг одоб-ахлоқ ва тарбиясидан кўнгли тўқ эди. Зеро, бу қўшин мақтовга лойиқ эди. «Агар Бадр аҳли учун аввал кечган ҳукм бўлмасайди, бу қўшин унисидан устунроқ деган бўлардим. Бадр қатнашчиларидан баъзилари нолойиқ иш қилганларини кўрдим, лекин бу қўшинда ундайлар йўқ», деган эди Саъд.

Ровийлар Жобир ибн Абдуллоҳнинг шундай деганини ривоят қиладилар: «Ягона Аллоҳ номи билан қасам ичиб айтаманки, Қодисиядаги қўшиннинг охират қайғусига манфаат қайғусини аралаштирганини билмадим. Муртадлик воқеаларга ўралашиб қолиб, яна сафга қайтган Тулайҳа ибн Ҳувайлид, Амр ибн Маъдий Кариб ва Қайс ибн Макшуҳдангина шубҳаланардик. Лекин улар ҳам диёнатли ва мол-дунёга кўнгил қўймаган одамлар чиқди». («Тарихи Табарий»)

Ўлжанинг бешдан бири Мадинага жўнатилди. Қолган қисми лашкар орасида тақсимланди. Киши бошига ўн икки минг дирҳамдан тўғри келди.

 

* * *

 

Мадинага Кисронинг шахсий буюмлари ҳам келган эди. Унинг эни ҳам, бўйи ҳам олтмиш аршин келадиган «Баҳор» деган гиламини кўриб, одамларнинг оғизлари очилиб келди. Шу даражада эдики, нарх қўйишга ҳам қийналарди одам. Гиламда кенг ва гўзал боғ тасвирланган эди. Боғдаги дов-дарахтлар, гул ва мевалар олтин, кумуш, олмос ва зумрад билан тасвирланган эди. Айтишларича, Форс подшоҳлари бу гиламни айвонга осдириб, баҳор нафасини ҳосил қилгандек бўларкан.

Ҳазрати Умар гиламни кўриб, «Уйимга худди шундай гилам керак эди. Уни бир четга қўя туринглар», демади. Чунки уни иладиган саройнинг ўзи йўқ эди. Уйи эса, Мадинадаги бошқа уйлардан фарқ қилмасди. Бошқалар ҳам «Мўминлар амири, шу гиламни сиз олақолинг. У сизга ярашади», деб айтмади. Бундай бўлиши мумкин ҳам эмасди. Ҳазрати Умарнинг жиддийликлари бу каби бекорчи гапларни гапиришларига йўл қўймасди. Зотан, у зот ҳаётларида бировга қарам бўлмасдан, бировга аҳволидан шикоят этмасдан, эҳтиёжи учун етарлисидан ортиғини истамасдан яшади. Гал Форс шоҳининг билакузукларига келганда, Ҳазрати Умарнинг кўзлари чақнади. Бир нарса дейишларини кутиб ўтирмай:

— Уларни менга беринглар,— деди.

Сўнг билакузукларни кўлга олиб, кўзлари билан йиғилганлар орасидан кимнидир қидира бошлади. Ниҳоят, керакли одамни топди:

— Бу ёққа кел, Суроқа!

Суроқа Ҳазрати Умарнинг ёнига келди. У зот билакузукларни узатиб:

— Мана буларни тақ — деди.

Суроқа билакузукларни таққандан сўнг кўпчиликнинг ёдига ширин бир хотира тушди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир пайтлар унга:

— Суроқа, сенинг Кисро билакузукларини таққанингни кўряпман, — деган эдилар. (Ибн Касир, «Ал-бидоя»)

Кейин Ҳазрати Умарнинг амри билан Кисронинг кийимлари ҳам унга кийдирилди. Энди у Форс шоҳининг ўзи бўлди-қолди.

— Қани, юриб кўр-чи!

Суроқа йиғилганлар орасида у ёқ-бу ёққа юрди. Эгнидаги либослар ва жавоҳирлар унга бутун умрга етар эди.

Бир замонлар Расулуллоҳни тутиб, Қурайш катталари кўлига топшириб, юзта туяга эришмоқчи бўлган шу одам эди. Лекин ёмон ниятда от суриб чиққан Суроқа тақдир тақозоси билан қалб кўзи очилиб, эси кирган ва Расулуллоҳ. соллаллоҳу алайҳи ва саллам маънавий оламда уни шу ҳолда кўрган эдилар.

Воқеа шоҳиди бўлган одамларнинг кўзига ёш келди. Ўша дам улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларига ишонган эдилар, бугун эса воқеда кўриб турибдилар. Ҳазрати Умар кўнгил тубидан чиқариб: «Аллоҳу акбар», деди. Ҳамма халифага қаради:

— Форс Кисросининг кийимларини бир бадавийга кийдирган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!

Кейин эгнидаги кийим ва билакузукларнинг ўзига ҳадя қилинишидан умидвор бўлиб турган Суроқага юзланди:

— Бошқаларга ҳам шунча мол бермагунча, сенга буларни беролмайман. Қани, энди еч!

Суроқа эгнидаги кийимларни ечди. Ҳазрати Умар кўкка қараб:

— Раббим, Сен дунё зийнатини суюкли Пайғамбарингга бермадинг. Ҳолбуки, у Сенга мендан севимлироқ эди. Уни Абу Бакрдан ҳам узоқ тутдинг, у ҳам Сенга мендан кўра азизроқ эди. Энди буларни менга бердинг. Менга бериб, имтиҳон қилаётирсан, менга тузоқ ташлаётирсан, деб ўйламайман, бундай ҳаёлга боришдан Ўзингдан паноҳ тилайман, — деди.

Ҳазрати Умарнинг овозидаги салобат ва ихлосдан атрофдагиларнинг қалблари титраб, кўзларига ёш келди. Кейин у киши Абдураҳмон ибн Авфга ўгирилди:

— Оқшомгача ҳаммасини тарқатиб юбор. (Ибн Касир, «Ал-бидоя»)

Ҳазрати Умар йиғилганларнинг юзларидаги мамнунлик ифодасини кўриб давом этди:

— Ҳаётларини хавф остига қўйиб, буларни қўлга киритганлар ишончли ва мақтовга лойиқ инсонлардир. («Тарихи Табарий»)

Ўлжа тарқатилди. Ўртада фақат каттакон гилам қолди. У пайтлар «тарихий аҳамиятга эга буюм сифатида сақлаш» деган тушунча йўқ эди. Ўша даврда, айниқса, арабларда бундай тушунчанинг бўлиши ҳам мумкин эмасди. Гилам Ҳазрати Алининг таклифига биноан, бўлакларга бўлиниб, тарқатилди. («Тарихи Табарий»)

 

* * *

 

Араблар шу кунгача маълум бир йил ҳисобини ишлатмасди. Фақат баъзи муҳим воқеалар билан сана белгиланарди.

Масалан, фил йилидан уч йил аввал, тўрт ой кейин, деган каби. Лекин бу етарли эмасди. Чунки Ҳабашистонга ҳижрат, Бадр жанги, Мурайсеъ жанги каби воқеаларнинг қай бири аввал, қай бири кейин содир бўлганини айтиш анча қийин эди.

Бир кун Ҳазрати Умарнинг қўлига дия тўлангани ҳақида қоғоз келиб, унда: «Шаввол ойида», деб ёзилган эди. Лекин қайси йилнинг шаввол ойи экани маълум эмасди. Ҳазрати Умар:

— Биз шу кунларда қайси йилнинг шавволи эканини билолмасак, кейинги йилларда аҳвол янада чигаллашади, — деди.

Сўнг одамларни тўплаб, фикрларини баён қилди. Йиғилганлар халифанинг таклифини маъқулладилар. Шу тариқа бутун Ислом оламида жорий этилажак йил ҳисобини белгилашга қарор қилинди. Йиғилганлардан ҳар ким ўзича таклиф айтди. Охирида Ҳазрати Али: «Расулуллоҳ ширк ва куфр ерини ташлаб, иймон шаҳрига кўчиб ўтганларидан бошлаб йил ҳисоблаш керак», деди. Бу таклиф барчага маъқул бўлди. Ҳеч ким менинг таклифим яхшироқ демади. Бу қарор ҳижратнинг 16 йили рабиул аввал ойида қабул қилинди. Йил боши қилиб арабларнинг истеъмолидаги муҳаррам ойи белгиланди. («Тарихи Табарий»)

Аммо халқ бир мунча вақт, Ярмук воқеасидан икки йил кейин, Қодисиядан уч ой бурун, деб аввалгидек санани ўзи истагича ишлатаверди. Белгиланган йил ҳисоби эса, расмий ҳужжатлардагина қўлланилар эди.

Ҳазрати Умар йил ва ой-кунлар борасидаги ноаниқликларга чек кўйиб, Ислом оламида янги тақвимни жорий қилди.


Qayd etilgan


AbdulAziz  23 Fevral 2010, 17:11:13

* * *

 

Ҳижрий 16 йилда Ҳазрати Умар ўғли Абдуллоҳни Абу Убайднинг қизи Сафияга уйлантирди. («Тарихи Табарий»)

Абу Убайд Форсга юборилган илк қўшиннинг қўмондони эди. Ўзи Тоифда яшайдиган Сақиф қабиласидан. Моҳир қўмондон бир жангда филнинг хартумини кесиб ташлаган, аммо ўша филнинг оёқлари остида қолиб кетган эди. Сафиядан ташқари, Абу Убайднинг Мухтор деган ўғли ҳам бор эди. Мухтор кейинчалик Карбалодаги воқеалар учун қасос олишни эълон қилган ва ҳақиқатдан ҳам, Ҳазрати Ҳусайнни шаҳид қилган, уни тутиб берган одамларнинг биронтаси унинг қиличидан омон қолмаган эди. Бундан ташқари, Мухтор кейинроқ мусулмонга ярашмайдиган даъволар билан чиқиб, охиратини барбод қилди. Бу ҳақда бир оздан кейин тўхталамиз.

 

* * *

 

Мадоиндан қочган бир қанча форс аскарлари Миҳрон қўл остига тўпланиб, Жалула деган жойга келишди. Улар: «Арабларга қарши охирги марта омадимизни синаб кўрайлик. Ғолиб чиқсак, мақсадимизга етамиз, йўқса, биз вазифамизни бажарган бўламиз», дедилар.

Улар Жалуланинг атрофига хандақ ковладилар ва уни сим тўрлар билан ўраб чиқдилар. Бу билан турган жойларининг хавфсизлигини таъминлаган бўлдилар. Форсларнинг Жалулага тўпланганидан хабар топган Саъд ибн Абу Ваққос вазиятдан дарҳол Ҳазрати Умарни бохабар этди. Ҳазрати Умар уларга қарши Ҳошим ибн Утба бошчилигида ўн икки минг кишилик қўшин жўнатишни ва лашкарнинг олдинги сафларига Қаъқа ибн Амр билан унинг йигитларини жойлаштиришни буюрди.

Буйруққа биноан қўшин йўлга чиқди. Мусулмонлар Жалулага етиб келгач, шаҳарни қамал қилишди. Саксон кун давом этган қамал давомида ичкаридагилар истаган пайтда ташқарига чиқиб, жанг қилиб, қайта кириб кетарди. Жангларнинг барчасида мусулмонларнинг қўли баланд келди. Лекин бу жанглар қаттиқ бўлганини айтиш жоиз. Бир куни жанг мобайнида кучли шамол турди. Одамлар қалъа томон от сурдилар, уларнинг баъзилари ҳандаққа қулади. Энди уларни қутқариш учун сим-тўрларни узиб ташлаш керак эди. Шундай қилинди ҳам. Шу пайт Қаъқа бир суворийга етиб олди ва унга: «Эй мусулмонлар! Лашкарбошингиз ҳандаққа тушиб кетди, уни кутқаринг», деб бақиришни амр этди.

У бақираётганда Қаъқа хандаққа тушди. Унинг овозини эшитганлар қўмондонларини қутқариш учун хандаққа ёпирилдилар. Хандақда эса, чинданам Қаъқани тутиб олишган эди. Мусулмонлар ёпирилиб келди. Унг-сўлдан қилинаётган ҳужумларга дош беролмаган форслар қўмондонни ташлаб қочишди. Мусулмонлар учун ҳозирланган тўрларга ўзлари тушишди.

Ҳижратнинг 16 йили зулқаъда ойида Жалуладаги жанг ғалаба билан якунланди. Бу хабарни алам билан кутиб олган Яздажирд Ҳулвонни тарк этиб, Рай шаҳрига қараб қочди. Қаъқа бир неча аскар билан Ҳулвонга келиб, у ерни ҳам қўлга киритди. Бу воқеа ҳам зулқаъда ойида содир бўлди. Мадоин жанги билан Жалула фатҳи орасида тўққиз ойлик фарқ бор эди. («Тарихи Табарий»)

 

* * *

 

Жалуладан олинган ўлжа Мадинага келтирилди. Ўлжани олиб келган ўспирин Ҳазрати Умарнинг ҳузурига кирди. Йигитча баланд бўйли, қирмизи юзли, бир кўзига оқ тушган 16—17 ёшлар атрофида эди. Ҳазрати Умар унга ўтиришга жой кўрсатди.

— Қандай хабарлар бор?

Йигитча жанг тафсилотларини айта кетди. Ҳазрати Умарнинг нигоҳларида ўзгариш сезилди. Гўё қандайдир ўспирин эмас, ҳаётини адабиётга бахш этган адиб сўйлаёттандек эди. Халифа унинг сўзларини маст бўлган кўйи тинглай бошладн.

Йигит гапини тугатгач, Ҳазрати Умар:

— Исминг нима? — деб сўради.

— Зиёд ибн Убайд.

— Қаерликсан?

— Тоифликман. Сақиф қабиласининг табиби Ҳорис ибн Қалада оиласиданман.

— Ия, Ҳорис ибн Қаладанинг Убайд деган ўғли бормиди?

— Отам ҳам, онам ҳам Ҳориснинг хизматкорлари эди.

Зиёд бу гапларни сўзларкан, қалбидаги алам ва оғриқлардан кўзларида ёш милтиллади.

— Ҳозир гапирганларингни жамоат олдига чиқиб, минбарда ҳам айтиб бера оласанми?

— Эй мўминлар амири, Аллоҳнинг бандалари орасида кўрсам қалтирайдиганим ягона сиздирсиз. Бошқанинг олдида ҳайиқмайман, бунақа ҳурмат қилмайман ҳам. Сизнинг олдингизда гапириб бера олдимми, демак, уларга ҳам айтиб бера оламан.

Шундан кейин Ҳазрати Умарнинг амри билан халқ масжидга тўпланди. Одамлар йиғилгач, халифа ўрнидан турди ва қисқа мавъиза қилиб, Зиёдни таклиф этди. Барчанинг нигоҳи унга қадалди. Ҳеч ким танимайдиган йигитча минбарга чиқиб, кўрганларини айта бошлади. У бир оз аввал халифа ҳузурида гапирганидан ҳам мазмунлироқ гапирар, одамлар бутун диққат-эътиборларини унга жалб қилиб, завқ билан тинглар эдилар. У сўзини: «Бизни гапиртирган нарса жангчиларимизнинг қаҳрамонликларидир», дея тугатди. Ҳазрати Умар:

— Бу йигит яхши нотик, экан, — деб хитоб қилди. («Тарихи Табарий»)

Зиёд ғалаба муждасини етказгани учун минг дирҳамлик мукофот олди ва Мадинани тарк этиб, бир неча ой бурун илк пойдевори қўйилган Басра томон йўл олди. Поччаси Утба ибн Ғазвон ҳам Басрага келиши керак эди. Зиёд Басранинг илк волийи бўлган поччасининг котиби сифатида расмий вазифага киришди.

Ҳазрати Абу Бакрнинг халифалик чоғида Баҳрайнга ибн Хазрамий волий эди. Ҳазрати Умар уни вазифасидан озод қилиб, ўрнига Қудома ибн Мазъунни тайинлади. Кейинчалик, Қудомани ҳам бўшатиб, яна Алони Баҳрайнга жўнатди.

Ало билан Саъд ибн Абу Ваққос ўртасида бир воқеа бўлиб, ўзаро муносабатларига салбий таъсир қилган эди. Саъднинг Қодисиядага зафарли одими Ало ичида ҳасад ўтларини ёқди. Энди у ҳам ана шундай ғалабага эришмоғи лозим эди. Ало денгиздан сузиб ўтиб, форслар билан урушмоқчи бўлди. Унинг тахминича, Қодисияда яксон қилинган форсларнинг куч-қуввати тугаган бўлиши керак эди. Ало осонлик билан ғалаба қозонаман, деб ўйлаб, кемаларни ҳозирлашни буюрди. Лашкарини бир неча қисмга бўлиб, уларга Жоруд ибн Муалло, Саввор ибн Ҳаммом ва Хулайд ибн Мунзирийларни бошлиқ қилиб тайинлади. Қўшин кемада йўлга тушди. Ваҳоланки, Ҳазрати Умар Алони Баҳрайнга юбораркан, денгизга чиқишни ман қилган эди. Кемалар узоқ йўл босиб соҳилга яқинлашди. Истаҳ деган жойга чиқиб, ажамларни кўришди. Форслар кутмаган бўлишларига қарамай, Ҳирбиз исмли қўмондон қўл остига йиғилдилар. Мусулмонларнинг бир қисмигина қуруқликка чиқиб олган, қолганлари пешма-пеш кемаларда етиб келаётган эди. Форслар денгиз тарафга юриб, мусулмонларнинг орасини бўлиб ташладилар. Ўртада шиддатли жанг бўлди. Саввор билан Жоруд ўлдирилди. Форслар мағлубият аламини тотдилар.

Ало сўнгра Басра тарафга юрмоқчи бўлди. Бироқ қирғоққа келганларида кемаларнинг кўпи чўктириб кетилганини кўрдилар. Шу сабаб, қуруқликдан йўлга чиқилди.

 

* * *

 

Ало ибн Хазрамийнинг денгизга чиққанини эшитиб, Ҳазрати Умар қаттиқ ғазабланди. Шахсан ўзи таъқиқлаган, бунинг устига хавфли ишга қўл уришдан мақсад нима эди? Шунча мусулмонни ўлим билан юзма-юз бўлишга мажбур қилиш учун жиддий сабаб керак эди. Халифа дарҳол Алога хат ёзиб: «Қўшининг билан Саъд ибн Абу Ваққоснинг ихтиёрига қўшил», деб фармон берди. Ҳолбуки, Алога ёқмаётган нарса ҳам шу эди. Аммо Ҳазрати Умарнинг гапини икки қилолмасди. Ҳазрати Умар Утба ибн Ғазвонга ҳам мактуб жўнатиб, Алонинг қилмишини маълум қилди ва ундан хафа бўлганини айтди. Кейин уларга бирор кор-ҳол рўй бермасдан етиб олишни буюрди. Утба буйруқни олган заҳоти ўн икки минг кишилик қўшин ҳозирлаб, унга Абу Саброни қўмондон қилиб тайинлади. Кейин унга Форс кўрфазининг орқа тарафидан юриб, Ало бошлиқ мусулмонлар қўшинига қўшилишни айтди.

 

* * *

 

Ало ибн Хазрамийнинг қўшини Хулайд бошчилигида Басра томон ҳаракатланаркан, форслар Шаҳрок исмли одам атрофига бирлашиб, катта қувват билан уларнинг йўлини тўсди. Ниҳоят, Ҳазрати Умар хавфсираган воқеа рўй берди. Форслар яна жангни бошлаб, мусулмонларни бирин-кетин қира бошлади. Шу он узоқдан кўтарилган чанг-тўзон икки тарафдан бирига мадад кучлари етиб келаётганидан дарак берарди. Қарши тараф учун эса, бу ҳалокат дегани эди. Мусулмонлар ёрдамдан умид қилолмасди. Чунки у ёқда ҳеч ким уларнинг йўлга чиққанидан хабардор эмасди. «Душманга ёрдам келди», «мағлубиятга учрадик», деб тахмин қилиб турган мўминларга ўша тарафдан келаётган такбир садолари гўё қайта жон бағишлагандек бўлди. Улар ўзгача куч ва ғайрат билан жанг қилишга киришдилар. Утбанинг аскарлари жанг қилаётган мусулмонлар ортидан урушга кирдилар. Энди мусулмонларнинг ғалабаларига шубҳа қолмади. Ана-мана зафар қозондик, деб турган форслар яна мағлубиятга мубтало бўлдилар.

 

* * *

 

Утба ибн Ғазвон Ҳазрати Умарнинг олқишига сазовор иш қилди. Чунки у деярли аниқ мағлубият бўлган жангни ғалаба билан якунлади. Кейин пойтахтга хат йўллаб, ҳаж қилишга изн сўради. Мадинадан рухсат берилгач, ҳарб ишларини Абу Саброга, имоматни Муғийра ибн Шўъбага қолдириб, йўлга отланди. Утба Маккаи мукаррамага етиб келиб, Ҳазрати Умар иккови ҳаж қилди. Ҳазрати Умар билан бир суҳбатда давлат ишларидан чарчаганини ва дам олмоқчи эканини айтиб, вазифасидан озод этишини сўради. Ҳазрати Умар унинг бу истагини қабул қилмади, бундан буён ҳам кўп фойдаси тегишини айтиб, вазифасини давом эттиришини айтди. Утба чорасиз йўлга чиқди. Лекин негадир оёқлари олдинга тортмасди. Кўпчилик учун орзу бўлган Басра ва унинг атрофидаги ерларга волийлик қилиш у учун аҳамиятсиз эди. Утба Макка билан Тоиф орасидаги Нахла деган жойга етди. Бу жой у учун охирги манзил эди. Бир пайтлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Тоифдан қайтарканлар, шу ерда бомдод намозини ўқиган эдилар Қуръонни Пайғамбаримиздан тинглаган жинлар шу ерда Исломга кирган эди. Утба шуларни эслаб, Нахлада тўхтади. У ёғига негадир юргиси келмади. Унинг наздида «Нахлада тўхта!» деган амр Ҳазрати Умардек зотнинг: «Басрага қайт!» деган амридан юқорироқ мақомдан келган эди. Зеро, бу мақом амрини тўхтатадиган ёхуд кечиктира оладиган бошқа мақомнинг ўзи йўқ эди. Утба йигирма саккиз йилдан бери шу мақом соҳибига яхши қул бўлиш, Унинг Пайғамбари йўлини маҳкам тутиш учун курашиб келди. Бу йўлда унинг чекмаган заҳмати, кўрмаган қийинчилиги, қилмаган фидокорлиги қолмади. Ҳозир эса, ундан жони сўралаётган эди. У бу талабга қарши боролмасди. Моҳир қўмондон Нахлада жон таслим қилди.

 

* * *

 

Ҳазрати Умар Утбанинг ўлими хабарини эшитиб, қаттиқ қайғурди. Мадинага қайтаркан, унинг қабрини зиёрат қилди. Қабр бошида: «Агар умр белгилаб қўйилмаганида, инсон ажали билан ўлмаганида, сени мен ўлдирдим, деган бўлардим, Утба. Қанийди, илтимосингни қилсайдим ва сени мажбур этмасдан, ўз ҳолингга қўйган бўлсайдим», деб йиғлади. («Тарихи Табарий»)

Энди Басрага волий тайинлаш керак эди. Ҳазрати Умар Муғийра ибн Шўъбани Утбанинг ўрнига тайинлаш ҳақида мактуб ёзди. Утбанинг вазифасини вақтинча бажариб турган Муғийра бу сафар расмий равишда волийликка киришди. Зиёд эса, котиблигича қолди.

 

* * *

 

Ҳазрати Умар Саъднинг олдидан келган хабарчига бошдан оёқ қараб чиқди:

— Сенга нима бўлди? Рангинг ўзгариб кетибди.

— Форс ҳавоси рангимизни ўзгартирди. Соғлиғимиз ҳам жойида эмас.

Жавоб Ҳазрати Умарни ўйлантириб қўйди. Ҳузайфа ибн Ямон ҳам мактубида шу ҳақда ёзган эди. Ҳазрати Умар мактуб ёзиб, арабларнинг сиҳатига таъсир қилмайдиган, дарё бўлмаган ерга кўчишни буюрди. Кўчадиган жойни танлаш Салмон Форсий билан Ҳузайфа ибн Ямонга юклатилди.

Араблар туя ва қўйлар эмин-эркин юролмайдиган жойларда туролмасди. Чунки улар чорвасиз яшолмасди.

Салмон Форсий билан Ҳузайфа икки тарафга йўлга чиқди. Ҳузайфа Фуротнинг ғарбий сохилидан кетди. У ҳозирги Куфа шаҳри жойлашган ерга келгунича ўзига ёқадиган ер кўрмади.

Фуротнинг шарқига йўл олган Салмон ҳам кўнглига ўтирадиган жой топмади.

Ниҳоят, у ҳам Хузайфа турган жойга етиб келди. Улар тўхтаган ер чивинсиз, қум-тупроғи қизғиш, серсув жой эди. Бу жой икковларига ҳам хуш келди. Шукронасига намоз ўқиб олдилар. Танлаган жойлари хайрли бўлишини тилаб дуо қилдилар. Кейин Мадоинга келиб, Саъдга қарорларини маълум қилдилар. Саъд эса, Мадоинни Қаъқа билан Абдуллоҳ ибн Мўътамга қолдириб, қурилажак шаҳарга танланган жойни кўздан кечириш учун ўша ерга кетди. Ҳижратнинг 17 йили муҳаррам ойи эди. Қодисия жангидан эндигина бир йилу икки ой ўтганди. Ҳазрати Умар халифаликларига уч йилу саккиз ой тўлганда янги шаҳарнинг пойдевори қурилди. Ер тупроғининг рангидан келиб чиқиб, шаҳарга «Куфа» деган ном берилди. («Тарихи Табарий»)

 

* * *

 

Ҳазрати Умар Басра ҳам, Куфа ҳам қурилаётган пайтида қамиш ва шунга ўхшаш хом ашёлардан фойдаланишга рухсат берди. Чунки бу кўз-кўз этмай, дунёга меҳр қўймай яшаш учун шундай қилиш керак эди. Бошқа бир ривоятга кўра, улар халифадан қамишдан фойдаланишга рухсат сўраганлар, Ҳазрати Умар эса унинг нималигини сўраб билиб, майли деган. («Тарихи Табарий»)

Хуллас, уйлар қамишдан қурилди. Бироқ орадан тўққиз ойлар чамаси ўтар-ўтмас, шаҳарда ёнғин чиқди. Олов шамол ёрдамида тезда тарқалди. Қамишдан қурилган биноларга ёнғин бир зумда урилди. Кўз очиб юмгунча, кулга айланган Куфани шаҳар аҳолиси фақатгина узоқдан кузатиб турди. Одамлар кўзидан оққан ёшлар шамолни тўхтатолмас, ёнғинни ўчиролмас эди.

Вазиятдан огоҳ бўлган Ҳазрати Умар ғишт ишлатишни тавсия қилди. Лекин уч хонадан кўп ва жуда баланд қилиб уй қуриш тақиқланди. («Тарихи Табарий»)

Шаҳарни таъмирлаш Абу Ҳайёж ибн Моликка топширилди. У аввал масжид қурдирди. Кейин билаги кучли бир камончи чақарилиб, масжид жойлашган ердан туриб, тўрт тарафга ўқ отишга буюрилди. Камончи ўқларни отгач, улар тушган ерлар белгилаб олинди. Ўқ учган жойгача очиқ қолдирилиб, барча бинолар шу чизиқ бўйлаб барпо этилди. Катта кўчалар қирқ, оддий кўчалар йигирма, оралиқ кўчалар етти аршин қилиб белгиланди. Маҳаллалар ўртасидаги кўчалар эса, олтмиш аршин кенгликда бўлиши белгиланди.

Масжид ёнида Саъд ибн Абу Ваққос учун уй қурилди.

 

* * *

 

Куфада Саъд учун уй қуриларкан, Мадинадаги Бақиъ қабристонида ҳам бир қабр қазилди. Унга Расулуллоҳнинг Иброҳим деган ўғилларининг онаси Марям дафн қилинди.

Мисрда туғилиб, улғайган, лекин тақдири илоҳий билан Мадинага келиб қолган Марям онамиз Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи ва салламга завжа бўлиш бахтига етишган эди. Миср подшоси уни Расулуллоҳга ҳадя қилиб юборган эди. Тўрт йил давомида Расули акрамнинг жориялари бўлган Марям онамиз, аввал, Мадинанинг Аволий даҳасидаги Ҳориса ибн Нўьмонга тегишли уйда, кейинроқ бошқа жойда истиқомат қилди. Ҳазрати Марям тўладан келган, гул юзли, чиройли аёл эди. Иброҳим дунёга келгач, у кишининг мавқеи ҳам ўзгарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фурсат бўлди дегунча фарзандлари ва аёллари зиёратига келардилар. Иброҳим касал бўлиб қолгач, янада кўпроқ келадиган бўлдилар. Табиийки, бошқа оналаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни Марямдан қизғанишар, чунки ҳеч бирлари фарзанд кўришмаган эди. Ҳазрати Оиша бир кун хотираларини ёдга оларкан: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳеч бир аёлларини Марямчалик рашк қилмаганман», деган эди. (Ибн Ҳажар, «Исоба»)

Бу ҳам Марям онамизнинг Расулуллоҳ наздларидаги қадри ва эътибори қанчалик бўлганини билдиради.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотларидан кейин Ҳазрати Абу Бакр Марям онамизнинг ҳурматини жойига қўйиб, ҳолларидан хабар олиб турарди. Ҳазрати Умар ҳам бу ишни давом эттирди. Бир пайтлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вакиллари билан Мисрдан Мадинага сафар қилган Ҳазрати Марям бу гал Буюк Парвардигорнинг вакили билан фоний дунёдан боқий оламга йўл олди.

Илк сафар оламларга раҳмат бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида ниҳоя топган бўлса, энди яна у зот томонга йўналди. Ҳазрати Марям Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ширингина суюкли фарзанд ҳадя қилди. Зотан, Оламлар сарварини хурсанд қилган инсоннинг кўнглини Аллоҳнинг ўзи кўтаради.

Марям онамиз ювилиб, кафанланди, Ҳазрати Умар жаноза намозини ўқиди. Кейин елкалар оша тобут Бақиъ қабристонига йўналди. Маййит эшикнинг шундоқ рўпарасидаги қабрга дафн этилди. Марям онамизнинг вафоти ҳижрий 16 йилнинг муҳаррам ойига тўғри келди. («Тарихи Табарий")

Бу ерда Марям онамиз ўз оилаларидан яна неча кишига «қўшни» бўлди. Улардан бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бор-йўғи уч ойгина умр кечирган Зайнаб ибн Хузайма эди. У мусулмон бўлмасидан олдиноқ «уммул масокин» (мискинлар онаси) деган номга сазовор бўлган эди. Бир неча қадам нарида эса уч нафар гул юзли аёллар ётарди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўзларининг нури, қалбларининг сурури бўлган қизлари Зайнаб, Руқийиа ва Умму Гулсум эдилар.

Асҳоби киром Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қолган яна бир хотиранинг ўчганидан қайғурди. Бу қайғу баъзиларининг кўз ёшига сабаб бўлди. Ўлим карвони Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга суюкли бўлган яна бир инсонни олиб кетиб, қалбларга титроқ солди.

Бу карвон ўзи истаган пайтда Мадинага келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун қадрли бўлган инсонларни бирма-бир олиб кетади ва бир кун келиб: «Бу шаҳарда Расулуллоҳни кўрган ҳеч ким қолмади», деган сўзлар айтилади.

 

* * *

 

Бир кеча Ҳазрати Умар севимли дўсти Абдурраҳмон ибн Авфни олиб, шаҳар айлангани чиқди.

Бир уйнинг ёнидан ўтишаётганида, ичкаридан чиқаётган овозни эшитиб, жойларида тўхташди. Овозлар жуда ёқимсизлигидан ичкилик базми уюштирилаётганини англаш қийин эмасди.

— Абдураҳмон, бу уй кимникилигини биласанми?

— Билмадим.

— Умайя ибн Халаф бор-ку, биз Бадрда ҳақидан кечган, ана ўшанинг ўғли Рабианинг уйи. Нима қиламиз энди?

— Валлоҳи, биз Аллоҳ чизган ҳудуддан чиқиб, хато қиляпмиз. Зеро, «У жосуслик қилманглар!» демаганми?

Абдураҳмоннинг жавоби Ҳазрати Умарни Рабианинг уйи олдидан кетишга мажбур қилди ва биргаликда у ерни тарк этдилар. Лекин Ҳазрати Умарнинг мақсади жосуслик қилиш бўлмаганини таъкидлаш керак. У киши ўша тун айнан Рабианинг уйини кузатиш учун сайрга чиқмаган эди. Шунинг учун ҳам давлат раиси, ҳам мусулмон сифатида уларга мажбуриятларини эслатиб, яхши тарбияга чақириб қўйиши нотўғри иш эмасди.

Бундан кейин ҳам Ҳазрати Умар Рабиани яна маст ҳолда учратди. Унга белгиланган ҳад урилгач, Ҳазрати Умар:

— Сени жазо сифатида сургун қиламиз. Бир йил давомида Хайбарда яшайсан, — деди.

Рабиа товушини чиқармади. У тадоригини кўриб, Мадинани тарк этди. Орадан бир оз муддат ўтгач, Ҳазрати Умар у ёқдан келган хабардан қаттиқ хафа бўлди. Рабиа Хайбарда қолмасдан, Румга кетиб, ўша ерда насронийликни қабул қилибди. Ҳазрати Умар уни сургун қилганидан афсусланди. Бу воқеа жазо беришда чегарадан чиқилганини, ислоҳ қилиш мақсадида бўлса-да, жазо тайинлашда меъёрдан чиқилса, у фойда эмас, фақат зарар келтиришини кўрсатиб берди. Зотан, Ҳазрати Умарнинг мақсади ҳам уни уриш ё сургун қилиш эмас, тартибга чақириб қўйиш эди.

 

* * *

 

Яна бир тунда ёлғиз айланиб юрганида, бир уй олдида тўхтади. Уйдагилар қаҳқаҳаларга берилиб, қўшиклар айтар, бир-бирларига бақир-чақир қиларди. Ичкаридагилар ғирт маст эканини англаш қийин эмасди. Ҳазрати Умар девор ошиб, боғдан ўтди ва ичкарига кирди. Уйда бир эркак ва аёл бор эди. Улар ичкиликбозлик қилишаётган эди.

Ҳазрати Умар деразадан ичкари қараганида эркак шошиб қолди. Аёл эса, қўлида таёқ ушлаган, баланд бўйли одамни кўриб қалтирай бошлади.

— Аллоҳнинг душманлари, бу нима қилганингиз? Бу қилганингизни ҳеч ким билмайди деб ўйладингизми? Аллоҳ сизни юзи қора ва хор қилмайдими?

Эркак дарҳол ҳушини бошига тўплади:

— Секинроқ, мўминлар амири. Тўғри, биз айб иш қилдик. Аллоҳ ҳаром қилган ичкиликни ичдик. Бу бизнинг гуноҳимиз. Лекин сиз ҳам бошқа гуноҳга кўл урдингиз.

Аёл келган киши амирул мўминин эканлигини билгач, баттар қўрқа бошлади.

Ҳазрати Умар:

— Гапир, нима демоқчисан? — деди.

—Аллоҳ бошқалардан айб излашни ман этган. Биз эса, ўз уйимизда ичяпмиз. Сиз бу таъқиққа амал қилмадингиз. Иккинчидан, Аллоҳ Нур сурасида таъкидлаган рухсат сўраб кириш қоидасига амал қилмадингиз, рухсат сўрамай остона хатладингиз. Учинчидан, Аллоҳ таоло: «Уйларингизга орқа томонидан киришингиз яхшилик эмас» (Бақара сураси, 189-оятдан), деган ва уйга эшикдан киришни буюрган. Сиз эса, дераза ошиб кирдингиз. Биз бир гунохга кўл урдик, сиз бирданига учта гуноҳ қилдингиз.

Ҳазрати Умар эркакнинг эътирозларига жавоб бермади. Лекин у киши дуч келган уйга кириб, ичкаридагиларнинг хатти-ҳаракатларини яширинча кузатиш учун айланиб юрганлари йўқ эди. Халифани бу ишга уларнинг ўзи мажбур қилишди. Зеро, улар сархуш бўлиб олиб, кўчани бошларига кўтармаганларида, Ҳазрати Умар бундан хабар топмасдилар. Ҳазрати Умар шуларни айтиб, ўз хатти-ҳаракатларини тушунтириб берса бўларди. Аммо гапни чўзмай:

— Ҳозир сизни кечирсам, қандай яхши иш қила оласизлар? — деди.

— Бизни афв этсангиз, бошқа ичкилик ичмасликка ваъда берамиз. (Ғаззолий, "Иҳйо")

Ҳазрати Умар чиқиб кетаётганида, уй эгалари ичкиликни тўкиб ташлаб, узр сўраб қолишди.

 

* * *

 

— Амирул мўминин, бу одамдан шикоятимиз бор.

— Қандай шикоят?

— У қариндошларимиздан бир аёлга оғиз солди. Биз уни уйлантириб қўйдик. Гап шундаки, тўй бўлаётган пайтда унинг соч-соқоли қора эди. Тўй ўтгач, ювингандан кейин оқариб кетди. У бизнинг кўзимизни шамғалат қилиш учун соч-соқолини бўяб олган экан.

Ҳазрати Умар ҳалиги одамга юзланди:

— Буларнинг гапига нима дейсан?

— Нимаям дердим, мўминлар амири, воқеалар улар айтиб бергандек бўлган. Бу аҳволим билан у аёлнинг кўлини сўрасам, беришмасди. Мен у аёлни севардим. Менга шу фикр келди ва уни амалга оширдим.

Ҳазрати Умар ҳалиги одамга тарсаки тортиб юборди:

— Ҳеч кимнинг мусулмонни алдашга ҳаққи йўқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бизни алдаган биздан эмас», деганлар.

Кунларнинг бирида Расули акрам ёмғир ёққандан сўнг бозорга борган, растада буғдой (ёки арпа) сотилаётганини кўриб, унга қўл сукқан эдилар. Ўшанда буғдой усти қуруқ, бўлса-да, ости нам чиққан эди. Сотувчидан бунинг сабабини сўраганларида у: «Нам буғдойга харидор келмайди, шунинг учун устини қуруқ буғдой билан тузаб қўйдим», дея жавоб берган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бунга жавобан юқоридаги гапни айтганлар. У одам бошқаларни буғдой билан алдаган бўлса, Ҳазрати Умарнинг қаршисида турган одам соч-соқолини бўяб, бир аёлни алдаган эди. Ҳазрати Умар у одамни олиб келганларга юзланди:

— Шу ҳоли билан бу одамга розимисизлар?

— Йўқ — дейишди.

— Унда никоҳни бекор қиламиз. (Ғаззолий, "Иҳйо")

Ўша одам талоқ қилган аёли бошқа эркакка турмушга чиққунга қадар маълум миқдорда нафақа тўлаб турадиган бўлди. Маҳр эса, аёлнинг ўзида қолди.

 

* * *

 

Яна бир кеча Ҳазрати Умар ёлғиз кўча айланаркан, ғалати товушни эшитди. Ўша томонга бориб қараса, бир эркак билан аёл «ўйнашиб» турган эди. Уларнинг турмуш қурмаганлари аниқ эди. Воқеа гувоҳи бўлган Ҳазрати Умар қаттиқ ғазабланди. У кишини кўрган ошиқ-маъшуқларнинг ҳам хушлари бошидан учди. Улар нима қилишни билмай, шошиб қолишди. Кейин ҳам бериладиган жазодан, ҳам одамлар кўз ўнгида шарманда бўлишдан қўрқиб, Ҳазрати Умарга ялина бошлашди. Ҳазрати Умар уларни олдига солиб олиб кетиши ва эрталаб жазосини бериши мумкин эди. Лекин воқеага ўзидан бошқа гувоҳ йўқ эди. Аслида зино содир бўлганига шубҳа йўқ. Аммо бошқа тарафдан тўрт гувоҳ бўлиш шарти ҳам бор.

Ҳазрати Умарга кечиришини сўраб ёлвораётган ошиқ-маъшуқлар осонликча қутулиб кетмасликларини билсалар-да, чиқмаган жондан умид дея, ялинавердилар.

— Менга бошқа бунақа ғайри шаръий иш қилмасликка сўз бера оласизларми?

— Берамиз, мўминлар амири!

Улар ёлғон гапираётган эдилар. Зеро, уларни бу ишга ундаган сабаб бартараф бўлмагунча, бу ерда бўлмаса, Ҳазрати Умар билмайдиган бошқа жойда истаганларини қилишлари мумкин эди. Севишганларни бу ишдан қайтара оладиган нарса Аллоҳдан қўрқув эди. Ўша қўрқувгина уларни гуноҳдан қайтара оларди.

— Яна бир марта ушлаб олсам, ўзингиздан кўринг!

— Аллоҳ рози бўлсин, мўминлар амири!

Ошиқ-маъшуклар дуо қила-қила кетдилар.

 

* * *

 

Ҳазрати Умар туни билан шу ҳақда ўйлаб чиқди. Қайси тарафдан қаралса ҳам, зино ифлос иш эди. Балки ўшалар оилали одамлардир. Агар шундай бўлса, иккови ҳам оилалари пойдеворига дарз кетказадиган ишга қўл уришган. Оилали бўлмаган тақдирда ҳам эртага ҳароми бола дунёга келади. Шунда бир ҳақиқат юзага чиқди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шаҳрида бўлса ҳам, истак шаръий йўл билан қондирилмайдиган бўлса, ношаръий йўл ила амалга оширилади.

Воқеадан қаттиқ таъсирланган Ҳазрати Умар эртасига бомдод намоздан кейин жамоатга тунги таассуротларини айтиб берди:

— Мен ўша ифлос иш содир бўлганига шубҳам йўқ. Ҳукм чиқарувчи сифатида уларга жазо беришга ҳаққим борми?

— Сиз амирул мўмининсиз. Дин аҳкомларини жорий қилиш сизнинг ваколатингиз. Юз берган ношаръий ишга жазо бериш ҳам сизнинг измингизда. Уларга жазо беришингиз мумкин, — дейишди саҳобалар. Шунда Ҳазрати Али гап бошлади:

— Гувоҳлар тўртта бўлмаса, уларни жазолашга ҳаққингиз йўқ. Бундай шароитда уларга жазо тайинласангиз, Қуръон ҳукмларига бўйсунмаганингиз учун сизга ҳам жазо бериш керак бўлади.

Ҳазрати Умар бир оз кутиб, яна ўша саволни ўртага ташлади. Бу сафар ҳам юқоридаги гаплар такрорланди. Ҳазрати Умар Ҳазрати Алининг фикрини афзал топди. Аслида Ҳазрати Умарнинг ўша аёл ва эркакни жазолашга ҳаққи бор эди. Лекин бу ҳолатда ҳукм чиқарувчи шахсий фикри билан чегараланишига замин яратиб берган бўларди. Бу ҳол эса, келажакда олдини олиб бўлмайдиган адолатсиз ишларга йўл очиши, қанчадан-қанча бемаъни қарорларни юзага келтириши, қанчадан-қанча инсонларни азобга қўйиши мумкин эди. Чунки ҳукм чиқариш ваколати берилган кимса пора олиши ва ўзи истаган эркак-аёлнигина жазолаши мумкин эди. Ўша дам ҳаромдан қочиш учун озгина ҳалолдан воз кечадиган ҳукм чиқарувчиларнинг бўлмаслиги ким кафолат бера олади?

 

* * *

 

Талҳа ибн Убайдуллоҳ кечқурун уйига қайтаётган эди. Маҳаллалардан бирида эшик очилиб, ичкаридан новча одам чиқиб келди. Уй Ҳазрати Умарники эмаслиги кундек равшан эди. Ундай бўлса, халифа тунда бу уйда нима қилиб юрибди? Талҳа кўрмаганга олиб, тез-тез юриб кетди.

Унинг фикру зикри ўша уйда бўлди. Ҳатто эрталаб ўрнидан турганда ҳам ўша манзара кўз ўнгидан кетмасди. «Бунинг тагига етмасам бўлмайди».

Шундай қилинса, номаъкул хаёлдан қутулган бўларди. Кейин кўчага чиқиб, тўғри ўша уй томон йўл олди. Етиб келиб, эшик қоқди. Лекин ҳеч кимса очмади. Талҳа яна эшикни тақиллатди. Ичкаридан аёл кишининг: «Киравер», деган овози эшитилди.

Овоз ниҳоятда титроқ бўлиб, кампир экани маълум эди.

Талҳа ичкарига кириб, бир бурчакда ўтирган кўзи ожиз кампирга кўзи тушди ва шу заҳоти бўшашди:

— Ассалому алайкум, холажон!

— Ваалайкум ассалом, ўғлим!

— Ҳеч кимингиз йўқми?

— Аллоҳдан бошқа ҳеч кимим йўқ.

Оёқлари шол кампирнинг юришга ҳам имкони йўқ эди. Талҳа ичидан зил кетди. Бу зил кетиш бемаъни хаёлларга берилганидан эди.

— Кеча бир киши шу ердан чиқиб кетаётган экан...

— У Умар ибн Ҳаттоб эди. Аллоҳ рози бўлсин, анчадан бери кечалари келиб, уйимни супуриб-сидиради, ётоғимни тозалайди, яна бошқа ишларимни ҳам қилиб кетади.

Жавобдан Талҳанинг қалби ларзага келиб, йиғлаб юборди. Аёл билан хўшлашиб уйдан чиқди.

«Онанг сендан айрилиб қолсин, Талҳа! Умарнинг айбларини қидириб нимага эришдинг? Сен уйингда маза қилиб дам олаётганингда, Умар қўлидаги асо билан кўча кезади. Муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиб, тўшакка михланган касалларнинг тагини тозалайди. Сен бўлсанг, Қуръон ҳукмларини сариқ чақага олмай, бировлар нима қилаётганини кузатиб юравер. Бошқалар тақво зинапоясидан кўтарилаверсин», дерди Талҳа ўзига ўзи. Бировнинг айбини қидириш осон. Лекин бировда бир фазилатни кўриб, уни касб қилиш учун анча ҳаракат қилиш керак.

 

Рамода йили

 

Бир йили Мадинада кучли қурғоқчилик бўлди. Осмондан бир томчи ёмғир ёғмас, шунинг учун ҳосил ҳам кам эди. Очарчилик оғир тош каби ҳар ёқни эза бошлади.

Ҳатто ёввойи ҳайвонлар ҳам озиқ излаб, одамларнинг ёнигача келди.

Эсаётган шамол кулранг тупроқни ҳавога тўзғитарди. Одамлар ўша йилни «Омур-рамода» (кул йили) деб атадилар. Ҳаёт беҳаловат бўлиб қолди. Бу ҳаловатсизликни кўрган Ҳазрати Умар ёмғир ёғиб, одамлар қайта жонлангунга қадар гўшт, сут, ёғ кабиларни емасликка қасам ичди.

Қасамида собит турган Ҳазрати Умар анча заифлашиб қолди. Юзидаги қизиллик йўқолиб, сарғайиб кетди. Кўрган одам танимас даражада ўзгарди. Бир оз муддат ўтиб, атрофдагилар Ҳазрати Умарнинг ҳаётидан хавфсирай бошлашди. (Ибн Касир, "Ал-бидоя")

Жойлардаги волийларга мактуб жўнатилиб, Мадинадаги аҳвол маълум қилинди ва зудлик билан ёрдам юборишлари сўралди. Рамода йилининг чидаб бўлмас очарчилиги бошланган замон, чор-атрофдаги кўчманчиларга ҳам ўлим хавфи туғилиб, Мадинага келдилар. Ваҳоланки, пойтахтдаги аҳвол ҳам дуруст эмасди. Ҳазрати Умар уларнинг қийналаётганини кўриб, эзилар ва кўпинча кетма-кет рўза тутиб, оқшом озгина зайтун мойи ва қотган нон ейиш билан чекланарди.

Бир кун туя сўйишиб, гўштини одамларга тарқатишди. Ўша туянинг пишган этидан озгина Умарга ҳам келтиришди.

— Нима бу?

— Бугун сўйилган туя гўштидан сизга ҳам олиб келдик.

— Бу қанақаси? Одамлар очликдан ўлсин-у, мен туянинг энг ширин жойларини паққос тушириб ўтирайми? Унда ростдан ҳам ёмон ҳоким бўлиб қоламан-ку. Олиб кет лаганни. Йарфа! Ейишга бошқа нарса олиб кел.

Ҳазрати Умарга яна суви қочган нон ва зайтун мойи келтирилди. Нонни олиб, уни эзғилади ва устига озгина зайтундан қўшди.

Ҳазрати Умар емишни қўлида ушлаб бир неча сония ўйланиб қолди, сўнг яна:

— Йарфа, — деди.

— Лаббай, мўминлар амири!

— Манави емишни Самғ оиласига олиб бор. Уч кундан бери уларнинг олдиларига киролмадим, ҳойнаҳой, ейишга нарсалари қолмаган.

Йарфа ликобни олиб чиқиб кетди.

Ҳазрати Умар эртанги рўзани ҳам сахарликсиз тутадиган бўлди, ҳолбуки, бу таом бугунги рўзаларини очиш учун келтирилган эди. (Ибн Саъд, "Табақот")

Ҳазрати Умар хуфтонни ўқиб бўлиб, хонасига кириб кетар, соатлаб намоз ўқир эди. Йиғлаб туриб гоҳ-гоҳ «Аллоҳим, уммати Муҳаммадни менинг қўл остимда ҳалок қилма», деб дуо қиларди. (Ибн Саъд, "Табақот")

Ўша кунлари айланишга миниб чиққан оти йўлда бўшанди. Ҳазрати Умар ҳайвон ахлатида арпа доналарини кўриб қолиб, ғалати бўлиб кетди.

«Кизиқ, одамлар очликдан ўляпти, бу ҳайвон эеа, арпа ейди. Йўқ, одамлар ҳаётга қайтиб, ўзларига келмагунича сени минмайман». Шундай деб йўлида давом этди. (Ибн Саъд, "Табақот")

Бир кун олдига қўйилган таомни бадавий билан бирга едн. Таом ҳар доимгидек зайтун мойи ва қотган нон эди. Бадавий мойга нонни кўпроқ ботириб олишга ҳаракат қиларди.

— Мой ўзи озроқ, — деди халифа.

— Мўминлар амири, анчадан бери мой нималигини билмайман.

Бадавийнинг жавоби Ҳазрати Умарга қаттиқ таъсир қилди.

Шу кундан эътиборан, нонга қўшиб ейиладиган озгина мой ҳам дастурхонга қўйилмайдиган бўлди. Ҳазрати Умар баъзан қоринлари ғулдураб қолганда, уни уриб:

— Одамлар яна ҳаётга қайтгунларига қадар сенга бошқа овқат йўқ. Бекорга шовқин солаверма,— деб қўярди. (Ибн Саъд, "Табақот")

 

* * *

 

Бир куни Ҳазрати Умарни икки елкасига иккита халта ортиб олган ҳолда кўришди. Халталарга ун солинган эди. Қўлидаги кўзада ёғ. Қўли эса, ёнида борарди. Уларни танимаган одам Ҳазрати Умарни Асламнинг нарсаларини олиб кетаётган хизматкор деб ўйларди.

— Қаерлардан келяпсан, Абу Ҳурайра?

— Бир жойдан.

— Мен билан юр!

Абу Ҳурайра ҳам уларга кўшилди ва юкни бўлишиб олди. Сирор деган жойга етиб келганида, йигирматача тикланган чодирга кўзлари тушди. Чодирдагиларга яқинлашиб, салом беришди.

— Нега буёққа келдинглар?

— Очлик олиб келди бизни.

Кейин одамлар ўлган ҳайвон терисини пишириб, суякларни қайнатиб, ивитиб ейишаётганини айтиб беришди.

Ҳазрати Умар ридоларини ечиб, уларга овқат пиширишга киришди ва аёлларга:

— Сув илимасидан унни солманглар. Кейин оз-оздан қўшинглар ва капгир билан аралаштиринглар. Шунақа қилмасангиз, ун тўппа бўлиб қолади, — деди.

Ҳазрати Умар уларни тўйдириб бўлгач, Асламга етарлича туя келтиришни буюрди. Туяларга ҳаммаларини миндириб, Жаббона деган жойга олиб келди.

Очарчилик тугагунча, уларнинг ёнига келиб, аҳволларидан хабар олиб турди. (Ибн Саъд, "Табақот")

Ҳазрати Умар бир кун уйдан чиқаётиб, фарзандларидан бирининг қўлида қовун кўриб, жаҳли чиқди:

— Бу нимаси? Муҳаммаднинг уммати очликдан ўляпти. Сен бўлсанг қовун еяпсан?

Отасидан гап эшитган бола уйга отилди. Ортидан уйга кирган Ҳазрати Умар:

— Қовунни қаердан олди? — деб сўради.

— Хурмога алишган эдим.

Буни эшитиб, Ҳазрати Умар ҳовуридан тушди. (Ибн Саъд, "Табақот")

 

* * *

 

Очарчилик кунларининг бирида Ҳазрати Умар Мадина кўчаларини айланаркан, чанқаб келди ва сув сўраб бир эшикни тақиллатди. Халифани танимаган уй эгаси бир пиёла шарбат кўтариб чиқди.

— Бу нима?

— Асал шарбати.

Ҳазрати Умар қўлларини пиёлага узатолмади ҳам. Зеро, одамлар очликдан ўлаётган бир пайтда асал шарбати ичишга виждони йўл қўймади.

— Худо ҳаққи, киёмат куни ҳисобини берадиган ҳеч нарса ичмайман, — деди.

Кейин хонадон соҳиби сув олиб чиқди. Ҳазрати Умар сувни ичиб, «Аллоҳим, бизни очарчиликдан маҳв этиб, ичимиздаги бу балони даф қил», дея дуо қилди.

Ҳазрати Умар асалнинг мубоҳлиги, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асал шарбатини севиб истеъмол қилишларини биларди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қўшниси оч бўлатуриб, тўқ қорни билан тонг оттирган одам биздан эмас», деганлари у кишининг ёдида. Шу кунларда у зот Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу муборак сўзларини бот-бот эсларди.

Ҳазрати Умар уйқуга ётаркан, мўминлар очлигини ўйлар, уйғонганларида ҳам хаёлларини биринчи бўлиб, яна ўша очарчилик банд этар эди. Ҳазрати Умар Рамода йилида қаттиқ имтиҳондан ўтаётган эди. Ҳеч ким у киши чидаётган нарсага чидолмасди.

Бир куни Мадина кўчаларида айланиб юрганида, қули Аслам кўпчилик айтаётган бир гапни Ҳазрати Умарга айтиб юборди: «Бу бало мўминлар амирининг бошига етади». Бу бор гап эди. Қўл остидагиларга бўлган мурувват ва шафқат туфайли у зот кеча билан кундузнинг фарқига бормай қолди. Ранглари синиқиб, қарашлари ўзгарди. Баъзан тунда масжидга келганлар халифанинг ҳазин овоз билан дуо қилиб ўтирганларига гувоҳ бўлардилар: «Аллоҳим, бизни очарчиликда халок қилма, бу балони устимиздан даф эт!» Қоронғулик буюк ва одил зотнинг кўз ёшларини яширса-да, товушидаи унинг йиғиси қалбдан чиқаётгани сезилиб турарди. Мусулмонларнинг дардларига шерик бўлмаган инсон ҳақиқий мусулмон бўлолмаслиги яна бир бор намоён бўлди.

 

* * *

 

Мадинага биринчи бўлиб, Абу Убайда ибн Жарроҳ ёрдам келтирди. Келтирилган озиқ-овқат тўрт минг туяга юкланган эди.

Ҳазрати Умар ўзида йўқ хурсанд. У киши ҳаётдан мамнун ҳолда енгил нафас оларкан, кўзларида ўт чақнарди.

— Ташаккур, Абу Убайда. Буларни ўзинг тарқатишингни истайман.

Абу Убайда Мадина аҳли ва унинг атрофидагиларга олиб келган нарсаларини тарқатди. Ишни битиргач, хайрлашиш учун Ҳазрати Умарнинг ҳузурига келди.

— Аллоҳ рози бўлсин, Абу Убайда, сенга оқ йўл тилайман, — деб олдиндан тайёрлаб кўйилган пул халтасини узатди.

— Бу нима, Умар?

— Тўрт минг дирҳамлик мукофот.

— Йўқ, буни ололмайман. Мен бу ишни фақат Аллоҳ ризосини кўзлаб қилдим. Дунё молини бериб, ниятимни бузма.

— Олавер, ахир сен тамаъ қилмагансан-ку. Шунинг учун узринг қабул эмас.

— Узримни қабул қил.

Ҳазрати Умар унамади:

— Оласан. Чунки худди шундай воқеа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳн ва саллам билан ўртамизда бўлган. Мен олиш ниятим йўқ эди. Лекин у зот тамаъ қилмай ва кўз тикмаган ҳолда олиш мумкинлигини айтган эдилар.

Абу Убайда пулни олди, лекин бундан қувончи ортмади. Кейин тўрт минг дирҳамлик бўлгани учун эмас, самимий туйғулар соҳиби бўлгани учун Аллоҳга ҳамд айтиб, йўлга чиқди Абу Убайда келаётганда Раббул оламийн ризосини истаб йўлга чиқкан эди. Ҳозир ҳам кўнглида Аллоҳ ризосидан ўзга талаб йўқ эди. ("Тарихи Табарий")

Абу Убайдадан кейин кетма-кет Мадинага ёрдам карвонлари етиб келди. Ниҳоят, одамлар эркин нафас олиб, юзларига табассум югурди. Бироқ ҳануз кўкда бир парча булут кўринмас, ёмғир ёғай демасди.

 

* * *

 

Бошқа шаҳарлардан келган ёрдам Мадннага кирмай туриб, давлат кўриғига олинди, чунки оч қолган одамлар карвонни талаб кетишлари мумкин эди. Ҳазрати Умар қўлларидан келганча бемор ва хасталарни зиёрат қиларди, баъзида ўнлаб жанозаларга дуч келиб, титраб кетарди. (Ибн Саъд, "Табақот")

 

* * *

 

Бир кун Ҳазрати Умар шом намозидан кейин минбарга кўтарилиб, жамоатга юзланди:

— Эй одамлар! Раббингизга истиғфор айтиб, гуноҳларингизга тавба қилинг. Унинг карамидан умид узманг. Ундан раҳмат ёмғири сўраб, азоб ёмғиридан сақлашини илтижо қилинг.

Жамоат бу тавсияларни бир неча бор эшитди. ("Тарихи Табарий")

Охири бир кун Ҳазрати Умар ёмғир сўраш учун Мадина аҳлини шаҳар ташқарисидаги намозгоҳда йиғилишни буюрди. Ўзи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амакилари Аббос билан етиб келди. Келиб, икки ракъат намоз ўқиди ва:

— Аллоҳим, ёмғир ёғдир,— дея ёлвора бошлади. Бир қўллари билан Аббоснинг қўлини ушлаб олган, кўзларидан эса шашқатор ёш оқар эди. Эгнида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳирқалари бор эди. Бир оз ўтиб уни ечди, теридан тикилган кийимни кийиб, қўлларини дуога кўтарди:

— Аллоҳим, Пайғамбарнинг амакиси ҳурмати ёмғир ёғдиришингни сўраймиз. Бу балони бошимиздан даф қил!

Ҳазрати Умарнинг ёнида Аббос ҳам йиғлаб дуо қиларди.

Узундан-узоқ қилинган дуодан кейин халқ Мадинага қайтди. Умид ва тушкунликка тўла бир неча кун ўтди. Ниҳоят, узокдан кўринган булутлар одамлардаги тушкунликни бир зумда тарқатиб юборди. Булутлар тобора яқинлашиб, Мадина тепасига келганда, тиллар шукр ва ҳамду сано айта бошлади. Зеро, орзиқиб кутилган ёмғир ёғаётган эди.

Емғир кутилган натижани бериб, ер сувга қонди. Кўнгли хотиржам бўлган Ҳазрати Умар бадавийларга: «Қани, энди юртингизга қайтинг», деди.

 

* * *

 

Ҳазрати Умар очарчилик йилида закот йиғмади, чунки ортиқча молнинг ўзи йўқ эди. Ўғриларга ҳам жазо берилмади, сабаби, ўғирлик очликдан ўлмаслик учун қилинган эди.

 

Жизя – хирож

 

Савод вилояти (Куфа ва Басра ўртасида ерлар) фатҳ этилгач, бу ерлар қай тариқа тақсим этилиши баҳсга айланди. Кўпчиликнинг фикрича, Савод ерлари фатҳда қатнашган ғозийларга бўлиб берилиши керак эди. Ҳазрати Умар эса, «Ер халқ қўлида қолдирилиб, жизя ва хирож ундирилсин», деган фикрни билдирди. Чунки шундай қилинсагина, келажак авлодга ҳам фойдали бўларди, аксинча, ғозийлар ва уларнинг фарзандлари бу ерларга эга бўлиб, бошқа мўминларга ҳеч нарса қолмас эди.

Қолганлар: «Модомики, ғозийлар бу тупроқни қон тўкиб, жон бериб қўлга киритган эканлар, демак, у ерларга ўзлари эгалик қилишлари керак. Бир жойда ўтириб, фақат уларнинг ҳаққига дуо қилиш билан чекланган одамларнинг у ерларда қандай ҳақлари бўлиши мумкин? Сиз уларга ўзлари фатҳ этган ерларни бермай зулм қиляпсиз», деган фикрни айтдилар. ("Китобул хараж")

Ҳолбуки, Ҳазрати Умар учун зулм бутунлай бегона нарса эди. Тўғри Ҳазрати Умар хато қилиши мумкин, лекин билатуриб бир инсоннинг ҳаққини бермаслик у кишининг хаёлига ҳам келмасди. Зотан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ таоло ҳақиқат ва рост гапни Умарнинг тилига ёпиштириб кўйган» (Ибн Можа, "Муқаддима"), деганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна Ҳазрати Умар ҳақида: «Умар бир йўлдан юрса, шайтон бошқа йўлдан юради», деган эдилар. (Бухорий, "Фазоилу асҳабун-набий")

Ҳазрати Умар бу гапларнинг нақадар тўғрилигини бир неча бор исботлаб берган. Бундан буён ҳам шу тамойилга амал қилиб: «Инсоният тарихининг тирик адолат биноси», деган эътирофга сазовор бўлди,

Умар эътироз билдирганларга:

— Бу ерларни олиб, бошқаларни ҳайдаб юборсам, чиндан ҳам зулм қилган бўламан. Кўриб турганингиздек, Аллоҳнинг амри билан ғаниматнинг бешдан бирини олдим. Қолган қисмини улар ўртасида тақсимладим. Ушбу ерлар фатҳ қилингандан кейин шаҳар мудофаа ва муҳофазаси учун қўшин бириктирилиши ва уларга маош тўланиши керак. Шунинг учун маҳаллий аҳолидан жизя ва хирож ундирамиз, ўша маблағни мудофаа ва муҳофаза учун сарфлаймиз. Агар сизнинг айтганингизни қилсам, унда қайси қўшин билан у ерни мудофаа қиламиз, уларга қаердан маош топиб берамиз, — деди. Лекин улар қулоқ солишмади.

Охири Ҳазрати Умар юраклари сиқилиб, дуога қўл кўтарди:

— Аллоҳим, Билол ва унинг шерикларининг ҳақини билдир. ("Китобул хараж")

Кейин Хашр сурасидаги фатҳ этилган ерлар кимларга тегишли эканини бнлдирувчи оятларни ўқиди.

Оятларни ўқиб бўлиб, Ҳазрати Умар гапларида давом этди:

— Ўша ерларни бугун уларга тақсимлаб берсак, Аллоҳнинг оятидаги «Улардан кейин келган...» дейилган одамларга нима қолади? Уларнинг ҳақини ким беради?

Сўнгги савол жавобсиз келди, шу билан бирга эътироз ҳам тинди. Кейин Ҳазрати Умар ерни ўлчаб, адолат билан солиқ тайинладн ва тадбирли одам борми деб, сўради.

— Бу ишни Усмон ибн Ҳунайф эплайди, — дейишди.

Умар уни чақиришни буюрди.

Шундай қилиб, солиқ йиғиш вазифаси Усмон ибн Ҳунайф билан Ҳузайфа ибн Ямонга топширилди. Ҳазрати Умар уларга адолат билан иш юритишни уқдирди. Шу тариқа икки-ўртоқ йўлга тушди. Усмон Дажла дарёсининг бу тарафига, Ҳузайфа нариги тарафнга йўл олди. Солиқлар миқдори ўша пайтда ер ўлчов бирлиги бўлган жарибга нисбатан белгиланди. Усмон бир жариб узумзорга йилига ўн дирҳам, хурмозорга саккиз дирҳам, шакарқамиш даласига олти дирҳам миқдорида солиқ белгилади. Шунингдек, ҳар бир жариб буғдой даласидан тўрт дирҳам, арпа даласидан икки дирҳам солиқ олинишини тасдиқлади.

Бу солиқнинг номи хирож эди. Киши бошига тўланадиган солиқлар белгиланаётганда, аёллар ва ёш болалар ҳисобга олинмадилар. Эркаклар эса, даромадларига қараб уч тоифага бўлинди. Юқори табақадаги эркаклар қирқ саккиз дирҳам, ўртаҳоллар йигирма тўрт, куйи табақадагилар эса ўн икки дирҳам бериши белгилаб қўйилди. Бу солиқнинг номи жизя эди.

Ҳазрати Умар берилган вазифани бажариб ортга қайтган икки дўстни ҳузурига чорлади:

— Умид қиламанки, сиз маҳаллий аҳолига имкониятлари даражасидаги миқдорни белгилагансиз.

Бу гапни айтишдан мақсад эртага ҳисобини бериб бўлмайдиган адолатсизликнинг олдини олиш эди. Зеро, у кишининг мақсадлари давлат ҳазинасини тошириб-тўлдириш эмасди.

Усмон:

— Мен одамлар ҳамма вақт тўлай оладиган даражада солиқ белгиладим. Белгиланган миқдордан ҳам кўпроқ тайинласам бўларди, лекин адолат бўлмасди. Баъзи шароити ёмон фуқароларни соликдан озод қилдим, — деди.

Ҳузайфа ҳам шеригининг гапларини қайтариб, қўшиб қўйди:

— Уларнинг кўпчилигига ҳиммат қилиб, солик, тўлашдан озод қилдим.

Ҳазрати Умар ортиқ савол бермади. Кейинчалик гоҳ-гоҳида Ҳузайфа билан ҳам, Усмон билан ҳам шу мавзуда суҳбатлашиб, имконият даражасидан ташқари миқдорда солиқ олмасликни бот-бот уқтириб турди. Ҳазрати Умар шаҳид қилинишидан тўрт кун аввал улар билан шу мавзуда гаплашиб: «Халифа бўлиб турсам, ироқлик беваларни мендан кейин келадиган халифага муҳтож бўлмайдиган даражада таъминлаб қўйишни ўйлаяпман», деган эди.

Шом, Басра ва Куфа ҳокимлари Ҳазрати Умардан энг ишончли, энг яхши деб билган бир вакилни Мадинага юбориш ҳақида буйруқ олдилар. Ҳокимлар одамларни масжидга тўплаб, халифанинг амрини етказишди. Шомликлар Маън ибн Язидни, Куфа халқи Усмон ибн Фарқодни, басраликлар эса Ҳажжож ибн Аллатни танладилар. Учовлон нега чақирилганларидан бехабар ҳолатда Мадинага йўл олди. Диққатга сазовор жойи учови ҳам Бани Салама қабиласидан эди. Мадинага етиб келишгач, Ҳазрати Умар уларни қаршисига ўтқазиб:

— Сизларни солиқ йиғувчи этиб тайинламоқчиман. Зулмдан, одамларнинг энг яхши молларини олишдан йироқ бўлинглар, уйда сути ёки гўшти учун боқилаётган ва бўғоз қўй-эчқиларни олманглар. Насл олишга боқилаётган қўчқорларга ҳам тегманглар. Қари, кичик жуссали ҳайвонлардан олинглар. Семиз, наслдор ҳайвонларни олманглар, — деди.

Бу тавсиялар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳоби киромга қолдирган билим ва тавсияларига асосланган эди. У зот закот йиғувчиларга бу йўлда баъзи нарсаларни тайинлаган эди. Хусусан, Яманга волий бўлиб жўнаётган Муоз ибн Жабалга «Одамларнинг энг яхши молларини олишдан йироқ бўл», деганлари ҳанузгача Умарнинг қулоқлари остида жаранглаб турарди. ("Китобул хараж")

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни закот йиғувчилардан бири семиз ва етилиб турган туяларни олиб келганини кўриб:

— Ўзингни ҳам, закот берганни ҳам маҳв этдинг, — дега лекин ҳалиги одам:

— Расулуллоҳ мен буларнинг ҳар бирини иккита озғин эвазига олдим, — деганидан сўнг, у зот:

— У ҳолда зарари йўқ — деб хурсанд бўлган эдилар.

Расулуллоҳнинг закот йиғаётганда мол эгаларининг манфаатларига бу қадар эътиборли бўлишлари саҳобийларда қуйидаги фикрнинг туғилишига сабаб бўлди: «Закот олаётганда ҳаддидан ошган ва мол эгасининг энг қимматли молини олган инсон закотга тўсиқ бўлган билан баробардир». ("Китобул хараж")

 

* * *

 

Шом, Куфа ва Басрадан энг ишончли одамлар сифатида чақирилган вакиллар халифанинг ўгитларини қулоқларига қуйиб олиб, Мадинадан чиқдилар. Шаҳарларига етиб келгач, волийлар уларга ёрдамчи берди ва Усмон ибн Ҳунайф билан Ҳузайфа ибн Ямон белгилаб кетган солиқларни йиғиб олишди. Тўпланган пуллар дарҳол Мадинага жўнатилди. Ҳазрати Умар яна Куфа ва Басрадан ўн киши чақиртирди. Ҳар икки шаҳардан иккитадан тўрт киши халифа ҳузурига кириб чиқди.

Ҳазрати Умар:

— Закот ва зиммийлардан олинаётган бошқа солиқларда адолатсизликка йўл қўйилмаяптими? Бу ҳақда нима дейсиз? — деб сўради.

Бу саволни беришдан мақсад олдиндан белгиланган миқдордан ортиқ олинмаяптими, солиқ тўлаётганлар молларининг энг яхшисини беришга мажбур қилинмаяптими, шуларни билиш эди. Савол ортида «Билмасдан ҳам хато қилиб қўйманг. Давлатни ўйланг. Амирул мўминин ҳақида нотўғри фикр уйғотадиган гапларни гапирманг», деган ният йўқ эди.

У зотнинг нияти зулм ёки ноҳақликка йўл қўйилган бўлса, адолат қилиб, ҳақни эгасига қайтариш эди. Ҳазрати Умар уларнинг ростгўй бўлишлари ва бўлаётган воқеаларни аслидагидек етказишларини талаб қилди.

—Йўқ мўминлар амири, адолатсизлик бўляпти, дея олмаймиз.

Ҳазрати Умар аввал илк тўрт киши билан суҳ6атлашиб, кейин бошқаларни чақирди. Уларга ҳам юқоридаги саволларни берди. Қолганлар ҳам шерикларининг гапини такрорлади. Шу тариқа халифа келганларнинг барчаси билан шу мавзуда суҳбатлашиб чиқди. Бу мисли кўрилмаган воқеа эди. Давлат раҳбари воқеалар ривожини шахсан кузатиб, ўз халқи олдида ҳисобот берар эди. Ўз навбатида, бу ҳол халқнинг ҳам давлатга бўлган ишончини орттирарди.

Ҳазрати Умар бир куни семиз, катта елинли қўйни кўриб қолди.

— Бу ҳам закотга олиндими?

— Қўй эгаси уни ўзи рози бўлиб бермаган бўлса керак. Одатардан молларини тортиб олманг,— деди.


Qayd etilgan


AbdulAziz  23 Fevral 2010, 17:11:21

* * *

Кунларнинг бирида Мадинага Тағлиб қабиласидан бўлган одам келди. Уст-бошидан унинг мусулмон эмаслиги кўриниб турарди. У халифани қаердан топишни сўради ва одамлар айтган жойга йўл олди. Ҳазрати Умар бадавийни кўриб:

— Гапир дардингни, — деди.

— Мен Тағлиб қабиласиданман. Отимга солиқ тўлаш учун Зиёд ибн Ҳузайрга учрадим. Отимни йигирма минг дирҳамга баҳолади. Кейин: «Истасанг, минг дирҳамни тўла, истасанг, сенга ўн тўққиз минг берайлик-да, отни бизга қолдир», деди. Мен отимни адолат билан йигирма мингга нархлаганлари учун минг дирҳам солиқни тўлаб, у ердан кетдим. Лекин ишларимни битириб, ўша шаҳарга қайтиб борсам, яна солиқ тўлашни талаб қилишди. Уларга отимнинг солиғини тўлаб бўлганимни айтсам ҳам, унашмади. Вазиятни ўзингизга тушунтириб бериш учун бу ёққа келдим.

Ҳазрати Умар бадавийнинг гапларини эшитиб хафа бўлиб: — Битта отдан икки марта солиқ олинмайди-ку! — деди. Ҳалиги одам у зотнинг: «Дарҳол буйруқ ёз. Бу одамнинг ҳаққига хиёнат қилинмасин», дейишини кутди. Лекин Ҳазрати Умар индамай, яна ўз ишлари билан машғул бўлди. Тағлиблик киши халифа ҳузуридан чиқаркан, келганига афсусланди. Буёғи борадиган жойи, шикоят қиладиган одами йўқ эди. У энди шунча йўл босиб келганига куйсинми ёки ноҳақлик туфайли тўлайдиган минг дирҳамигами? Йўлда кетаркан, ўзига ўзи «Одил халифа деганлари шу бўлса, золими қандай бўларкан?» деди. Иккинчи марта отига солиқ тўлаш учун Зиёднинг олдига борди. Зиёд эса жавобан шундай деди:

— Ол пулингни. Сен аввалроқ солиқ тўлаган эдинг. Бадавий севиниб кетди.

— Ўзингиз икки марта олмоқчи эдингиз-ку!

— Тўғри, лекин халифадан келган буйруққа кўра, бир йил ўтмай туриб, иккинчи марта солиқ олиш мумкин эмас. Ундан кейин, сендан узр сўраймиз.

Тағлиблик ҳаммасини тушунди. «Халифа кўп гапиргандан кўра, амалда қилишни афзал биладиган одам экан.

Ҳазрати Умар вақтни бой бермасдан юқоридаги амрни юбориб, бу одам етиб келмасдан Зиёдни огоҳлантирган эди. Ҳолбуки, ўша пайт Ҳазрати Умар: «Сен насрониймисан? Тўлайвер», дейиши мумкин эди. Ҳозир бир кўнгил забт этилди. Ким билади, бу адолат яна қанча кўнгилларни ўзига ром этган? Бадавий қисқа фурсатда бир қарорга келди:

— Мен халифанинг динига кириш учун нима қилишим керак?

У айтилганидек аввал ғусл қилди, кейин шаҳодат калималарини айтиб, икки ракъат намоз ўқиди.

 

* * *

 

Ҳазрати Умар одатига кўра Мадинани айланаркан, бир тиланчини учратди. Бечора қариб, кўзлари кўр бўлиб қолган эди. Ҳазрати Умар чаққон бориб, унинг билагидан олди:

— Тўхта-чи, биродар, қайси диндасан?

— Яҳудийман. Ўзинг кимсан, нега сўраяпсан?

— Мен Умар ибн Ҳаттобман. Қани айт-чи, не сабабдан тиланчилик қилиб юрибсан?

— Шунга мажбурман. Акс ҳолда, гарданимдаги жизяни тўлашга қурбим етмайди.

— Мен билан юр!

Ҳазрати Умар тиланчини олдига солиб, уйига олиб келди. Унинг қорнини тўйғазди ва қўлига садақа қилиб, озгина пул ҳам тутқазди. Тиланчини кузатиб қўяркан, Ҳзрати Умар унинг ёнига бир одамни қўшиб, Байтулмолга юборди ва:

— Бу одам ва шу кабилардан хабар олиб туринглар. Уларни ўз ҳолларига ташлаб қўйсак, инсофдан бўлмайди, — деб тайинлади. Бундан буён қария фақирлардан солиқ олмасликни буюрди.

Бир куни Тоифдан мактуб келтирдилар: «Асаларичилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга тўлаган солиқларини бизга тўлашмаяпти, устига устак қутиларини қўриқлашимизни ҳам талаб қилишяпти».

Ҳазрати Умар уларга қуйидагича жавоб ёзди: «Улар Расулуллоҳга ўн меш асалдан бир мешини солиқ сифатида тўлар эдилар. Агар улар шуни тўлашда давом этмасалар, сиз уларнинг қутиларини қўриқлашингиз шарт эмас».

 

* * *

 

Ҳазрати Умар Басрага сув келтиришга Маъқул ибн Ясорни масъул қилиб тайинлади. Режага кўра, дарёдан анҳор қазилиб, ҳам ичишга, ҳам суғоришга сув келтирилиши лозим эди. Анҳор қазилди. Бу ҳашарда, айниқса, волий Абу Мусонинг вакили Зиёд бин Убайд жонбозлик кўрсатди, кўп меҳнат қилди. Анҳорнинг дарёга уланадиган жойини қазиб, сувни очиб юбориш Маъқул ибн Ясорга топширилди.

Ҳазрати Абу Бакрнинг ўғли сувнинг оқиш тезлигини ўлчаш учун отга миниб кутиб турди. Анҳор очилиши билан у ҳам отини ниқтади. Шамолдек елаётган от шиддат билан оқаётган сув билан ёнма-ён кетаётгандек эди. Одамлар бу ҳолатни завқу шавқ билан кузатиб турарди.

Анҳорга «Маъқул ариғи» деб ном берилди. (Ибн Саъд, "Табақот")

Кейинчалик одамлар Зиёднинг анҳор қазишдаги жонбозликларини унутдилар. Ўшандан кейин Зиёд бир одамнинг қўлига минг дирҳам пул бериб, анҳор бўйлаб одамлардан унинг номини сўраб чиқишни буюрди. Ким: «Бу Зиёднинг ариғи», дейдиган бўлса, унга ўша пуллар бериларди. Афсуски, халқ орасида ҳеч ким Зиёд кутган жавобни бермади.

 

Ислом оламида янги қози

 

Ҳазрати Умар бир от сотиб олди. Уни синаб кўриш учун бир одамга берди. Синалаёттан от югурган маҳалда қоқилиб, шикастланди. Ҳазрати Умар отни эгасига қайтармоқчи бўлди, чунки савдолашилаётганда «ёқмаса олмайсиз» деган келишув бор эди. Лекин отнинг эгаси унамади: «Мен отни берганимда, у соппа-соғ эди», деди. Икковлари ўртасида тортишув юзага келгани боис, кимдир масалани ҳал қилиб бериши керак эди.

— Майли, ўртадаги масалани ҳал қилишга одам тайинлай қол. От эгаси бу таклифни бажону дил қабул қилди.

— Мен ироқлик Шурайҳнинг ҳукм чиқаришини истайман.

Ҳазрати Умар, бу ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир неча саҳобалари бор, нега улардан бирини танламадинг, демади.

Умрида биринчи маротаба кўриб турган бу кўса киши олдига даъвогар сифатида ўтирди. Исми Шурайҳ бўлган бу одам икки тарафни ҳам диққат билан тинглади. Сўнг:

— Агар сотган одам синашга рози бўлиб, воқеалар ривожи шундай тус олган бўлса, унда унинг даъво қилишга ҳаққи йўқ. От унинг рухсатисиз синаб кўрилган бўлса, унда зарарни қоплаш харидорнинг бўйнига тушади, яъни, отни қайтаролмайди, — деб ҳукм чиқарди.

Ҳазрати Умар отни синаш шарти билан олмаган эди. Ҳукм у зотнинг зиддига чиқди.

Бошқа бир ривоятда Шурайҳ Ҳазрати Умарга: «Сиз отни соғ ҳолда олган эдингиз, соғ ҳолда қайтаришингиз керак», деган.

Ҳазрати Умар Шурайҳнинг адолат мезонларига риоя қилиб, ҳар икки тарафни ҳам тинглаб, ҳаққоний ҳукм чиқаришига эътибор берди ва унинг бу хатти-ҳаракатини олқишлади. Шурайҳ ҳукм чиқариб бўлгандан кейин, халифа ўзини танитди ва:

— Сен мен излаган одам экансан. Сени Куфага қози қилиб тайинлайман. Дарҳол вазифангга кириш, — деди. (Мавлоно Шиблий, "Асри саодат")

Шурайҳ вақтни ўтказмасдан ишга киришди. У бу вазифани эллик уч йил бажарди. Шу давр мобайнида тўлиқ ишончга сазовор бўлди, чунки адолат чизиғидан бир қадам ҳам нари хатламади. Қариб қолгани туфайли ишдан бўшамоқчилигини айтганда ёши юздан ошиб қолган эди. Ҳажжож унинг истеъфосини қабул қилди. Шурайҳ сўнгги кунларини дам олиб ўтказди. У жуда ақлли, ўта ростгўй ва одобли инсон эди. Ҳазрати Али унга: «Сен арабларнинг энг яхши қозисисан», деганида муболаға қилмаган эди. (Мавлоно Шиблий, "Асри саодат")

Ислом адолатини ўрнатишда унинг ҳам ўзига ярашг ўрни бор эди.

 

* * *

 

 Бир куни Ҳазрати Умар Шурайҳга мактуб ёзди: «Ҳал қилаётган бирон масаланг борасида, аввало, Аллоҳнинг китобига мурожаат қил, ҳукмни ундан ол. Мабодо, ундан алоқадор ҳукмни топмасанг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам чиқарган ҳукмларга қара. Ундан ҳам топа олмасанг, солиҳ инсонлар ва одил имомларнинг фатволари орасидан қидир. Улардан ҳам фойдалана олмасанг, ихтиёр ўзингда. Истасанг, мен билан кенгаш. Менинг фикримча, бундай ишларни мен билан бамаслаҳат қилганинг маъқул. Саломлар бўлсин сенга, Шурайҳ”. (Ибн Ҳажар, "Ал-исоба")

 

* * *

 

Кунларнинг бирида Убай ибн Каъб билан Ҳазрати Умар ораларида тушунмовчилик келиб чиқди. Улар қозига боришга қарор қилишди. Ҳоким (ҳукм чиқарувчи) Зайд ибн Собит Ҳазрати Умарга нисбатан ҳурмат кўрсатиб:

— Келинг, мўминлар амири, — деб юборди.

Ҳазрати Умар муомаладан ранжиди.

— Бундай муомала ён босишга ва кейинчалик адолатдан четланишга олиб боради. Мен бу ерда Умар ибн Ҳаттобман, — деди.

Ҳеч ким бу маҳкамага бой бериш учун келмайди. Даъвони ютиб чиқиш одамга қувонч бағишлайди. Ҳатто қозини ўз тарафига оғдириб олиш учун жаҳонда қанчадан-қанча чўнтаклар кўриб, қанчадан-қанча поралар берилган. Ҳозир эса, даъвогар ўзига қилинаётган муомаладан истиҳола қилиб, икки тарафга ҳам тенг муносабатда бўлишни талаб этяпти.

Масала баён қилинди. Даъвогар Убай ибн Каъб Ҳазрати Умарни айблаб, ўзининг ҳақлигини исботлашга тиришди.

Зайд унга:

— Ўзингнинг ҳақлигингга далил келтир, — деди. Лекин Убай етарли далил келтиролмаса-да, бўш келмай:

— Унда Умар менинг ноҳақлигимга қасам ичсин, — деди.

Аслида бу гапни қози айтиши керак эди, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Даъвогар далил келтириши керак. Даъвогар далил келтиролмаса, инкор қилувчи қасам ичиб ўзини оқлайди», деган эдилар.

Убайнинг бу таклифи Зайдга ёқмади. Халифага — Ҳазрати Умардек инсонга қарши бундай гапни қабул қилишга виждони йўл қўймади. Динда одоб деган нарса ҳам бор. Ҳазрати Умардек одам қандай шароитда бўлмасин, бировнинг ҳаққига тажовуз қилишлари мумкин эмасди. Анчадан бери танийдигани у зот ҳақни эгасига қайтариш учун бутун умрини сарфлаб, адолатни маҳкам ушлаш учун ҳар қандай жонфидоликларга тайёр эди. Энди Ҳазрати Умарга бундай муомала қилиш тўғри эмасди. Зайд Убайга юзланди:

— Амирул мўмининга қарши бунақа таклиф киритма.

Ҳазрати Умар:

— Сенинг олдингда халифа билан оддий одам бир хил ҳуқуқка эга бўлмагунича ва тенг кўрилмагунича тўғри ҳукм чиқаролмайсан, — деди (Ибн Қаййум Жавзиййа, "Иъламул Муваққинй").

Бундан кейин маҳкамада нималар содир бўлгани бизга номаълум. Фақат Ҳазрати Умарнинг ўзини бундай тутишини шундай изоҳлаш мумкин: буюк ва одил халифа даъво билан чиқишдан кўра, муҳокама (ҳукм чиқиш жараёни) адолат билан бўлишини кўпроқ истарди.

 

* * *

 .

Ҳазрати Умар Зайд ибн Собитдан ҳам, Шурайҳдан ҳам илмлироқ эди, уларга устоз бўлишига, ибрат кўрсата олишига шубҳа йўқ эди. Убай билан тортишиб қолган масалани ҳам Зайд чиқарадиган ҳукм ёки Шурайхнинг қозилигисиз ҳал қилишга илми етарди. Аммо даъвони маҳкамада кўриб, у ердаги иш юритиш тарзини назорат қилиш ва қозиларни синаб кўриш ниятида эди. Шу ўринда Ҳазрати Умарнинг шаҳар волийлари ва қозиларига порага муҳтож бўлмайдиган даражада маош тайинлаганларини эслатиш жоиздир. (Мавлоно Шиблий, "Асри саодат")

 

* * *

 

Сўнгра Ҳазрати Умар бозор ва савдо расталарини ҳам қаттиқ назорат остига олди. Катта нарх қўйиб сотиш, тарозидан уриб қолиш ва бошқа нохушликларнинг олдини олиш мақсадида Абдуллоҳ ибн Утбани муҳтасиб (назоратчи) қилиб тайинлади. Абдуллоҳ бу вазифадан ташқари, шахс ва жамият ҳуқуқларини назорат қилиш мақсадида шаҳарни тез-тез тафтиш ҳам қиларди. Масалан, давлат ва жамиятга оид ернинг бир одам томонидан эгалланишига қарши турар, ҳайвонига кўтаролмайдиган юкни ортган ёки бешафқат калтаклаганларга танбеҳ берар, мабодо гапи ўтмаса, Ҳазрати Умарга мурожаат қилиб, ҳақиқатни қарор топтирар эди. Бу мансабда Самра бинти Нахиқ исмли аёл ишлагани ҳам маълум. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса ёшлик чоғларида бозор ва савдо расталарини айланиб, шароитни кузатган, керак пайтда қўлидаги асоси билан одамларни жазолаган бу аёл Ҳазрати Умар даврида ҳам ўз ишини давом эттирган.

Ҳазрати Умар инсоний меъёр билан рисоладагидек яшамайдиганлар учун Ислом тарихида илк бор қамоқхона ташкил қилди. У киши яхши иморатга эга бўлган Сафвон ибн Умайянинг уйини тўрт минг дирҳамга сотиб олиб, уни «Жазо ва тавфиқ уйи»га айлантирди. Кейин бошқа шаҳарларга ҳам мактуб ёзиб, худди шундай қилишни буюрди. Мақсад бировни қийнаб, озодликдан махкум қилиш эмас, балки бировларнинг хотиржамлигини бузаётган, ҳурриятларига дахл қилаётганларни тарбиялаш эди. Ундайлар жамиятдан четлатилмаса, зиёнлари кўпайиб кетарди. Бутун шаҳар тинчлигини таъминлаш учун хотиржамликка таҳдид солаётганларни қамоққа тиқишдан ўзга чора йўқ эди.

Авваллари қамоқхоналар фақат жиноятчилар учун эди. Қози Шурайҳ, кейинчалик қарзни тўлашни чўзиб юборганларни ҳам қамади. Бу орада неча марталаб шароб ичган Абу Миҳжан саксон дарра ейишдан ташқари, ҳибсда ҳам ўтириб чиқди. (Мавлоно Шиблий, "Асри саодат")

Ҳаётда фақат кўсалигидан нолиган Шурайҳ адолатни соқолдан устун қўярди. У кундан-кунга обрўси ортиб, ташаккурларга сазовор бўлди ва буюк инсонлар сафидан жой олди. Вафот этганида эса адолат тимсоли, кучли олим йўқотилганидан одамлар аччиқ кўз ёши тўкдилар.

Биринчи китоб тугади.


Qayd etilgan


AbdulAziz  23 Fevral 2010, 17:11:35

Номаълум маҳбуб

 Ҳазрати Умар кечалари Мадинани айланиб завқ олардилар. Чунки бу шаҳарнинг ҳар бир кўчасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан боғлиқ хотиралари бор эди. Ҳар замонда севимли Пайғамбар билан ўтказган кунларини эслаб, у зотни худди ёнларидагидек ҳис қилардилар. Зеро, севган севилган билан ёнма-ёндир.

Баъзан ой нури ҳам бўлмаган тунларда Умарни ёлғизлатмаган, ўзини унуттирмаган Зот борки, эртага Унинг олдида ҳисоб беради. У Умарнинг шу дамда қандай фикр ва ҳиссиётлар билан айланиб юрганини унинг ўзидан яхши билади. Қудрати чексиз, илми ва раҳмати барчани қамрайдиган Зот севимли Расулига юборган китобида шундай деган: "Қаерда бўлсангизлар ҳам, У сизлар билан биргадир". (Ҳадид сураси, 4-оятдан)

Қаерда бўлмасин, Аллоҳ билан биргалигини ҳис қилиб турган одамлар орасида Ҳазрати Умарнинг ўзига хос ўринлари бор. Чексиз қудрат соҳиби бўлган буюк Парвардигорга нисбатан бўлган бу тақво ҳеч ким йўқ жойларда Ҳазрати Умарни кўп йиғлатган...

 

* * *

 

Шундай ҳислар билан тунда шаҳар айланар эканлар, Ҳазрати Умар бир аёлнинг овозини эшитиб қолдилар:

— Сутга озгина сув қўшайлик, қизим.

— Онажон, амирул мўминин: "Сутга сув қўшманглар", деган.

— Амирул мўминин бу ерда йўқ. У сенинг нима қилаётганингни ҳам билмайди.

— Сиз ҳақсиз, онажон. Амирул мўминин нима қилаётганимни кўрмаяпти. Лекин Аллоҳ кўриб турибди-ку!

Ҳазрати Умарнинг этлари жимирлаб, кўзларига ёш келди.

Қиз Қуръон тарбиясини олган, Аллоҳдан қўрқув ва Унга муҳаббатни қалбига жо қилган эди. Бунақа қизни кундузи чироқ ёкиб қидириб топиш душвор. Бинобарин, бунақа қизлар учун бор-йўғингни сарфласанг, бу йўлда бир умр тер тўксанг ҳам, кам эди. Инсоният ҳақиқий масъулиятини шундай фикрларга эга бўлибгина билиши мумкин.

Фарзанд онасидан одоб ўрганиши керак, лекин онасига одоб берган бу қиз Ҳазрати Умарнинг тамойилларига роса мос келарди. Чунки одамлар Ҳазрати Умарнинг: "Мен учун энг маҳбуб инсон адолатга зид иш таклиф қилинганида, манфаатли бўлишига қарамасдан, рад эта олган инсондир", деганларини эшитишган эди. Мана, ўша мафтун бўлган маҳбубни топиб турибдилар. У киши ўзларида йўқ севиниб кетдилар. Дунёда шундай инсонлар борлигидан кўнгиллари кўтарилди.

Онасига танбеҳ берган қиз ташқарида воқеани кузатиб, ҳаққига дуолар қилиб турган халифани сезмадиям.

Ҳазрати Умар шу кеча Қуръоннинг "Қаерда бўлсангизлар ҳам, У сизлар билан биргадир", оятининг ҳаётдаги тафсирини кўриб, буюк Парвардигорга ҳамду сано айтдилар. Ана шу биргалик ни билиш қоронғу, амир кўрмайдиган жойлардагина билинади.

Ҳазрати Умар овоз соҳибаси кўрмадилар, унинг кимлигини ҳам билолмадилар. Аммо у қиз: "Мўминлар, шак-шубҳасиз, оға-инидирлар" (Ҳужурот сураси, 10-оятдан), оятига кўра, Ҳазрати Умарнинг қариндошидир.

Ўша тун Ҳазрати Умар одмигина ётоқларига ётарканлар, тинимсиз шу оятни такрорлаб, Аллоҳ билан бирга эканини ҳис қилиш қувончини ҳис этдилар ва кўнгилларини кўтарган ўша овозни эшитгандек бўлдилар.

 

* * *

 

Эртасига бомдодни ўқиб бўлиб, биринчи қилган ишлари кечаги уйни топиш бўлди. Уй соҳиби у кишини эҳтиром билан қарши олиб, иззат-икром кўрсатди. Ҳазрати Умар даставвал кечаги овоз соҳибаси турмуш қурганми, йўқми шуни сўрадилар.

— У ҳали турмушга чиқмаган, мўминлар амири.

Жавобдан Ҳазрати Умарнинг бошлари кўкка етди. Ҳеч бир тужжор савдо-сотиғидан қанча фойда олса ҳам, бу даражада хурсанд бўлмаса керак.

— Унда кизингни ўғлим Осимга сўрамоқчиман.

— Бош устига. Бу нарса оиламиз учун шарафдир, мўминлар амири. (Абдуллоҳ ибн Абдулҳаким "Сийрати Умар ибн Абдулазиз".)

 

* * *

 

Биз Ҳазрати Умарнинг энг севимли ва жонларидан ортиқ кўрган келинларининг, ҳатто, исмини ҳам билмаймиз. У ҳақда Ҳазрати Умарнинг бошқа хотиралари ҳам бўлиши керак эди. Таассуфки, тарихчилар бу ҳақда етарлича гап айтмаганлар.

Маълум нарса шуки, бу келиннинг Умму Осим Лайло исмли қизи бўлган. Лайло эса, келажакда оламни ўз адолати билан безайдиган яна бир амир Умар билан Абдулазизнинг онасидир. Бошқача қилиб айтганда, Умар ибн Абдулазиз Ҳазрати Умарнинг ўғиллари Осимнинг набирасидир. Ота тарафдан бобоси эса, машҳур Марвон ибн Ҳакимдир. Аллоҳ ҳар нарсага қодир. У бир кун келиб, Марвон билан Ҳакам Умарнинг наслини бирлаштириб, дунёга адолат тимсоли бўлган Умар ибн Абдулазизни берди.

 

* * *

 

Абу Бакра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ҳаётларининг охирги икки йилида танишган эди. У Тоиф камали пайтида Пайғамбаримизнинг: "Биз тарафга ўтган қуллар озод бўлади", деган эълонларини эшитиб, кечаси қалъадан арқонга осилиб тушган ва мусулмонлар тарафга ўтиб кетган эди. Яна ундан ташқари, Ислом лашкарига сафига саксон нафар қул ҳам қўшилган.

Мўминлар асл исми Нуфай бўлган бу одамни "Абу Бакра" деб чақира бошладилар. Шу тариқа унинг асл исми унутилди, унинг ўзи ҳам "Абу Бакра" деб чақирганларга: "Нега исмим билан чақирмаяпсиз? Ҳар ким ўз номи билан чақирилиши керак", деб танбеҳ бериб ўтирмади ва бунга кўникиб кетди.

Шу дамгача отаси уни тан олмаган, Мусайянинг ўғли сифатида отасининг уйида қул бўлиб вояга етган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг эълонларидан хабар топгач, фурсатни кўлдан бермай, тезда бир қарорга келди. У қалъа деворидан арқонга осилиб, пастга тушаркан, кетидан отаси Ҳорис етиб келди:

— Кетма. Сени ўз номимга оламан. Ўғлим бўласан!

— Энди кеч! — деди у.

Унинг ортидан эргашиб келаётган иниси Нофиъ эса отасининг таклифини қабул қилиб, қалъада қолди. Тунгача Ҳориснинг қули бўлган Нофиъ тонгни унинг ўғли бўлиб оттирди.

Абу Бакра шундан кейин чин мусулмон бўлишга интилди. Отаси ҳам бир йилдан кейин Исломни қабул қилган эса-да, у Расули акрамнинг ёнларида қолишни афзал билди, Тоифга қайтмади. Кейинчалик содир бўлган нохуш воқеалар ҳам Абу Бакранинг иродасини бука олмади.

У Ҳазрати Умар даврларида ота бир синглиси Сафийа ва куёви Утба ибн Ғазвон билан биргаликда Басра шаҳрини қурувчилар гуруҳига қўшилди ва ўша ерда қолиб кетди. Куёви вафот этгач, унинг ўрнига Муғийра ибн Шўъба Басра волийси этиб тайинланди. Лекин Абу Бакра Муғийранинг охирги қилган ишидан қаттиқ хафа бўлди. Чунки...

Бир куни Абу Бакра Нофиъ, Шибл ва Зиёдлар (булар унинг ё она тарафидан, ё ота тарафидан укалари эди) билан суҳбатлашиб ўтираркан, шамол эсиб, дарпардани кўтариб юборди. Абу Бакра уни ёпиш учун ўрнидан турганида, кўзлари катта-катта очилиб кетди. Чунки қарама-қарши уйнинг ҳам дарпардаси кўтарилиб, ичкаридаги бор-йўқ нарса кўзга ташланиб қолган эди.

— Буёққа каранглар! Мен кўраётган нарсани сизлар ҳам кўряпсизлармй?

У ерда Муғийра бир аёл билан қовушиб ётарди.

— Ким у аёл?

— Уми? Умму Жамил.

Умму Жамилнинг эри Ҳажжож ибн Убайд Сақафий ўлган эди.

...Муғийра пешинни ўқиб бериш учун меҳробга йўл олаётганида, Абу Бакра уни тўхтатди:

— Сен бу аҳволинг билан имомликка ўта олмайсан!

— Аҳволимга нима қилибди? Нега ўта олмас эканман?

— Сенинг бир оз олдин нима қилганингни кўрдик, Муғийра! Абу Бакра ишни шундоқ қолдирмади. У Ҳазрати Умарга мактуб ёзиб, Муғийра ибн Шўъбани зино қилаётганини кўргани ва гувоҳлар ҳам борлигини билдирди.

Мактубни олган Ҳазрати Умар, ўз навбатида Абу Мусо Ашъарийга хат жўнатдилар: "Сени шайтон измига солиб болалаган жойга юбормоқдаман. Ўзинг билган шариат аҳкомларига қатъий амал кил, ҳеч нарсани ўзгартирма. Йўқса, Аллоҳ сени ўзгартиради". Абу Мусо ҳам жавоб хатини ёзиб: "Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларидан бир-иккитасини қўшиб юборинг. Чунки улар менинг кўз очиб кўрганларим. Улар худди таомнинг тузи кабидирлар. Зеро, тузсиз таомда маза бўлмайди", деди.

Ҳазрати Умар унинг ўзи истаган саҳобийни олиб кетишига рози бўлдилар.

Абу Мусо Анас ибн Молик, Имрон ибн Ҳусайн, Ҳишом ибн Амр ва бошқалардан иборат 29 кишилик гуруҳ билан Басрага йўл олдилар. Уларнинг қўлларида Муғийра ва Басра халқига ёзилган мактублар бор эди.

 

* * *

 

Кутилмаганда Муғийра пойтахтга чақирилиб, Басрага янги волийлар тайинланди. Муғийра Мадинага етиб келиб, Ҳазрати Умар билан кўришди. У устидан шикоят тушганини англади. Изидан Абу Мусо жўнатган гувоҳлар ҳам шаҳарга кириб келишди.

Даставвал, Абу Бакра ўрнидан туриб, Муғийранинг Умму Жамил билан зино килаётганини кўрганини айтди ва қасам ичди. Ундан кейин Нофиъ, Шибл ҳам қасам ичди. Навбат Зиёдга келди. Агар у ҳам тўғри гувоҳлик берса, Муғийрага муҳаққақ жазо тайинланар эди. Муғийра юраги бўғзига келар даражада, ҳаяжон ичида эди. Бошқалар ҳам қаттиқ ҳаяжонланарди.

Ҳазрати Умар нима дейишга ҳайрон бўлиб турган йигитчага қараб, уни эшитишга тайёр эканликларини билдирдилар.

Зиёёд:

— Бир одамни кўрдим, — деб гап бошлаб, унинг зино қилаётгандаги ҳолатини айтиб берди.

Ҳазрати Умар бошқалардан сўраганлари каби ундан ҳам:

— Сурмадоннинг ичига қалам киргани каби аниқ кўрдингми? — деб сўрадилар.

Зиёд акалари қасам ичиб, "Ҳа", жавобини берган бу саволга у "Йўқ", деб жавоб берди.

Муғийра терга ботиб, ҳатто бўшаниб юборай деб ўтирарди. Ичига тўлиб кетган ҳавони беихтиёр ташқари чиқарди.

Абу Бакра ва бошқа гувоҳлар юзида норозилик аломатлари пайдо бўлди. Зиёд аравани қуруқ олиб қочиб, охирида гапириб юборган эди.

Балки у Муғийранинг котиб бўлгани сабаб шундай йўл тутгандир? Балки ростдан ҳам акаларидек воқеани аниқ кўрмагандир?

Ҳазрати Умар:

— Аёлни танийсанми? — деб сўрадилар.

— Йўқ. Лекин кўрсам, танийман.

Ҳаэрати Умар Зиёднинг "Йўқ" деганини Муғийранинг оқланишига етарли деб баҳоладилар ва Зиёдга:

— Сен бир чеккага чиқиб тур, энди, — дедилар.

Зиёд четга чиқди. Абу Бакра билан укалари номусли одамга туҳмат тошини отганлари учун саксон дарралик жазога тортилдилар. («Тарихи Табарий»)

Абу Бакра бундан хафа бўлмади, аксинча, хурсанд бўлди. Чунки виждони тоза эди. Бу ҳақсиз жазога, шубҳасиз, ажр бор. Зотан, у ёлғон гапирмади, туҳмат қилмади. У фақат иниси Зиёднинг ғалати гаплари туфайли калтак еди.

Қизиқ, Зиёд кўрганини тўлиқ айтиб бермагани сабаб оғалари айбсиз дарра егани учун виждони қийналганмикан? У эса, бир чеккада ўтириб, оғалари қай тариқа жазога тортилганларини томоша қилишдан бошқасига ярамади. Ҳолбуки, виждони қийналганида:

— Тўхтатинг калтаклашни. Воқеа, ҳақиқатдан, улар айтгандек бўлган, — дер эди.

Энг ёмони, ҳаммаси дарра уриш билангина тугаб қолмасди. Энди улар одамлар орасидаги ҳурматини йўқотиб, "туҳматчи" деган ном олади, ҳеч бир ишда уларнинг гувоҳлиги қабул қилинмайди. Бошқача қилиб айтганда, улар бир неча ижтимоий ҳуқуқлардан маҳрум бўлишади.

Бир тарафдан, шундай қилиш керак ҳам эди. Бировни зинода айблаган одам тўрт гувоҳ билан воқеа тафсилотларини аниқ сўзлаб бера олмаса, қози ҳам исбот учун қаттиққўллик қилмаса, кўп оилалар номуси топталиб, ҳар қандай одам бир-иккита ёлғончи гувоҳ топиб келиб, туҳмат қилишлари мумкин.

Абу Бакра саксон даррани еб бўлиб ўрнидан турди.

— Гувоҳлик бераманки, бу одам зино қилган, — деб қўли билан Муғийрага ишора қилди. Ҳазрати Умар хизматчиларга:

— Ушланглар буни, ётқизинглар, — деб буюрдилар.

Шунда Ҳазрати Али ўртага тушдилар:

— Унга яна жазо беролмайсиз, амирул мўминин.

— Нега?

— Чунки унинг гапини яна бир бор гувоҳлик деб қабул қилсангиз, гувоҳлар сони тўрттага етади. Унда Муғийранинг зонийлигини тасдиқланиб, уни жазолашга тўғри келади. Агар буни аввалги гувоҳликнинг такрори десангиз, унинг жазосини олиб бўлди.

— Сен ҳақсан, Али. Мен хато қилдим.

Ҳазрати Умар хизматчиларга Абу Бакрани қўйиб юборишни буюрдилар. Муғийра ўзини тутолмай, Абу Бакрага ташланмоқчи бўлди.

— Рухсат этинг, амирул мўминин, шу қулваччаларнинг таъзирини бериб қўяй.

Ҳазрати Умар шиддат билан унинг йўлини тўсдилар:

— Аллоҳ унингни ўчирсин, эй сўқир кўз! Сен тек тур! Валлоҳи, гувоҳлик тўлиқ бўлганида ўзинг таъзирингни ердинг, — дедилар ва Абу Бакрага юзландилар:

— Тавба қил, бундан кейин гувоҳлигингни қабул қилай. ("Тарихи Табарий"; Ибн Асир, "Ал-комил"; "Ёқубий тарихи")

— Йўқ — деди Абу Бакра, — тавба қилолмайман. Чунки мен ёлғон гапирганим йўқ. Бировга туҳмат ҳам қилмадим. Шунинг учун ўзимни ёлғончи деб ҳисобламайман. Унда ўз номусимни топтаган бўламан. Гувоҳлигим қабул қилинмаслиги мен учун муҳим эмас.

Энди Абу Бакра умрининг охиригача инсоний ҳуқуқлари чекланган одам сифатида яшаб, баъзида гувоҳлик учун чақирилганида ҳам "Мен гувоҳлиги қабул қилинмайдиган одамман", деб рад қилди.

Нофиъ ва Шибл Ҳазрати Умарнинг таклифларини қабул этиб, тавба қилишганини билдиришди.

Тўрт оға-ини яна Басра томон йўл олдилар. Зиёд бундан буён ҳам Басранинг янги волийига котиб қилишда давом этди. Бироқ, оғаси Абу Бакра билан ўрталарига совуқчилик тушиб, бир умр ярашмадилар.

Зиёд бу воқеани яхши эслаб қолди. Чунки кейинроқ унинг бошқа отадан экани айтилганида, у виждон товушини бостиришга уринди.

 

Муҳим мактуб

 

Ҳазрати Умар Басра волийлигига янга тайинланган Абу Мусо Ашъарийга мактуб ёздилар. Фақиҳлар катта аҳамият берган ва Исломда ҳукм чиқариш усулларининг асли ва асоси кўрсатилган ушбу мактубда одил раҳбар шундай деганлар:

"Абу Мусо, ҳукм қилиш Аллоҳ китобидаги фарз ва Расулуллоҳнинг суннатлари эканини биласан. Сенга даъво билан келганларида, уни чуқур англаб, кейин ҳукм чиқар ва уни ижро эт. Зеро, ижроси таъминланмаган ҳукмнинг баён қилиш билан чекланишидан наф йўқ.

Даъвогарларни ҳузурингда баробар кўр. Ҳар икки тарафга бир хил муомала қил. Юз ифоданг иккала тарафга бир хил бўлсин. Токи, обрў-эътиборлиси сенинг ноҳақликка йўл қўйишингга умид қилмасин ва, айни чоғда, заифроқ тараф адолатингдан ноумид бўлмасин.

Даъвогар даъвосини далиллар билан исботлаши лозим. У исботлолмаган тақдирда даъвони инкор қилган тараф қасам ичиб ўзини оқлаши керак.

Мусулмонларни ҳақ-ҳуқуқлари таъминлаган ҳолда ўзаро яраштириб қўй. Аммо Аллоҳ ҳаром қилганни ҳалол деган ва ҳалолни ҳаром деганлар билан муроса қилиш асло мумкин эмас.

Бирор одам ҳали йўқ, нарсани даъво қилса ёхуд далили узоқдалигини айтадиган бўлса, унга мухлат бер. Даъвосини исботлай олса, ҳаққини ато эт. Исботлай олмаса, унга ҳукм чиқариш ўзингга ҳавола.

Узоқдаги далил учун мухлат берилса, кейин эътироз пайдо бўлмайди.

Мабодо чиқарган ҳукмингга шубҳа қилган ёки ҳақиқат бошқа ёқда эканини англаган тақдирингда ҳақ ҳукмни танлашдан сени ҳеч нарса қайтармасин. Чунки ҳақиқат азалийдир. Вақтинча яширин қолса-да, бир куни ошкор бўлади ва ҳеч бир нарса уни инкор қилолмайди. Ҳақиқатга қайтиш эса, ботилда қолиб кетишдан яхшироқдир.

Барча мусулмонларнинг гувоҳликларини қабул қил. Фақат ёлғончилиги исботланган ёки шаръий жазо сифатида гувоҳлик бериш ҳуқуқидан маҳрум бўлган кишилар бундан мустасно. Шунингдек, қариндошлик ва қул-хожалик муносабатлари туфайли гувоҳликлари қабул қилинмайдиганлар бор. (Яъни, фарзанд отаси, қул хожаси фойдасига гувоҳлик бериши мумкинлиги эҳтимоли бор.) Булардан бошқа барча мўминларнинг гувоҳлиги қабул қилинади.

Бандаларнинг ниятлари ва ички дунёларини буюк Аллоҳнинг ўзи баҳолаб, ўзи ҳукм чиқаради. Далил билан исботланмаган ва қасам билан тасдиқланмаган ишга жазо берилмайди (яъни, буларнинг ҳукми Аллоҳга ҳавола).

Агар сенга Қуръон ва суннатда ҳукми айтилмаган даъво билан келсалар, аввал, уни яхшилаб тушуниб ол. Кейин у масаланинг Қуръондаги ўхшашлари билан таққосла ва ўшанга қараб ҳукм чиқар. Аллоҳ ҳузурида мақбул, ҳақиқатта яқин эканига кўнглинг чопса, ҳукм чиқар.

Ғанимларни муҳокама этаётганингда қаҳр-ғазаб, бепарволик қилма. Даъвогарга ҳам, айбланувчигаям азият етказма. Бировга паст ва бегона назар билан боқма. Чунки ҳақиқатни юзага чиқариш учун муҳокама қилиш муҳим вазифадир. У Аллоҳнинг мукофотига васила бўлади ва ҳукм чиқарувчи учун шарафдир.

Нияти холис ва самимий инсон, зарарига бўлса-да, ҳақиқатга интилса, Аллоҳ у орқали одамлар орасидаги ишларни ислоҳ этади ва тартибга солади. Ким ўзида йўқ, фазилатни бордек кўрсатишга уриниб, риёкорлик килса, Аллоҳ унинг айбини очиб, хор этади. Чунки Аллоҳ бандаларидан холис ва самимий ният билан, суннатга мос қилинган амалларнигина қабул этади. Сен Аллоҳнинг бу дунёда берадиган ва охират учун ҳозирлаб кўйган неъмат ва мукофотлари ҳақида нима деб ўйлайсан? (Яъни, улар буюк ва қийматлидир.)

Вассалому алайкум ва раҳматуллоҳ". (Ибн Қаййум Жавзий, "Иъламул муваққийн")

 

* * *

 

Абу Мусо Хайбар фатҳидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳн ва саллам билан бирга бўлган эди. У Ҳабашистондан қайтган мўминлар билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига борганида, Хайбар қалъаси кўлга киритилиб, ғалаба нашидаси сурилган эди.

Қайтаётганида бир тепаликни ошиб ўтган баъзи саҳобалар поёнсиз уфқ ва юксак чўкқиларни кўрган ва Оламлар Яратувчисини эсга олиб, баланд овозда такбир айтиб юборган эдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга:

— Ўзингизни тутинг. Сизлар узоқдагиларга ёки карга эшиттира олмайсизлар, — деганлар. Кейин ёнларида кетаётган Абу Мусонинг "Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ", деб кетаётганини кўриб:

— Абдуллоҳ — дея чақирдилар.

— Лаббай, Аллоҳнинг Пайғамбари!

— Сенга жаннат ҳазиналаридан бирини айтайми?

— Албатта, Аллоҳнинг Расули.

— У "Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ" калимасидир.

Абу Мусонинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан боғлиқ илк хотираси шу эди. Шундан сўнг Набийи акрам билан яна тўрт йил бирга бўлди.

Энди Абу Мусо пойтахтдан анча узоқ бўлган Басра халқини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳн ва саллам келтирган диннинг асосларига таяниб бошқариш вазифасига тайинланди.

 

* * *

 

Ҳазрати Умар Абу Мусога яна бир мактуб ёздилар: "Қайси кун бўлишидан қатъий назар, ҳақи еб кетилганларни қабул қил ва уларни тингла. Адолатни қарор топтир, токи фосиқлар сендан қўрқсинлар. Сен ҳам уларни кўздан қочирма ва истаган вақтингда уларнинг таъзирини бериб қўйишга тайёр тур.

Жоҳилият давридагидек, қабилалар ўртасида адоват бўлиши мумкин. Кимдир бўлар-бўлмасга қабиласини ёрдамга чақираверса, билгинки, бу чақирув шайтондандир. Уларни Аллоҳнинг амрига бўйсунишга даъват кил. Уларга: "Сиз қабилангизга эмас, Аллоҳ ҳукмига чақиринг", де. Кўнгунларича уларга қилич ялонгочлаб тур.

Берилган неъматга шукр ва ҳамд айтиб яша. Одамлар орасида хушмуомалалик ва дўстона алоқани мустаҳкамлашга ҳаракат эт. Кечириш билан кучни ҳамоҳанг қил! Соддадил бўл ва одамларни севиб, улардан ёрдамингни аяма.

Менга келган хабарларга кўра, Дабба қабиласидан бўлганлар: "Яшасин, Дабба халқи", деб жоҳилият даврининг қичқириқларини айтиб юришганмиш. Уларга бу бақир-чақирлари яхшилик олиб келмайди, менимча. Мактубим сенга етиб борганида, уларга тушунтир. Агар қайтишмаса, уларнинг жазоларини бер ва бир-бирларига етолмайдиган жойларга кўчириб юбор.

Мўминларнинг жанозасида қатнаш, беморларни зиёрат қил. Уларнинг ишлари билан қизиқ. Эшигинг уларга доим очиқ турсин. Чунки сен ҳам уларнинг бирисан. Аллоҳ уларга юкламаган оғир масъулиятни сенга юклади.

Яна менга келган хабарларга кўра, сенда ва оилангда мусулмонларда йўқ озиқ-овқат, кийим-кечак ва уловлар бор эмиш. Эҳтиёт бўл, Абдуллоҳ ибн Қайс, бутун дарди еб-ичиб семириш бўлган, лекин семириши фақат ажалини тезлаштирадиган ҳайвон каби бўлма. Шуни яхши билки, волий йўлдан озса, фукаро ҳам адашади. Инсонларнинг энг бадбахти эса, инсонларни бадбахтликка бошлаган, уларга ёмонликда ибрат бўлган одамдир.

Вассалом". (Ибн Абду Раббиҳ.)

 

* * *

 

Шу ўринда Табарийнинг қуйидаги ривоятини келтириб ўтиш жоиз.

Четдан келганлардан Ҳазрати Умар:

— Волий беморингизни бориб кўрадими? Қулларингиздан ҳол-аҳвол сўраб, дардини эшитадими? Иш билан келганлар унинг эшиги олдида сарғайиб турмайдими? — деб сўрарди.

Агар салбий жавоб берилса, дарҳол ўша волийни ишдан олиб ташларди.

 

Дабба ибн Миҳсон

 

Абу Мусо Ашъарий Басрага волий бўлганидан кейин хутбаларда Аллоҳ таолога ҳамду сано айтар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловоту саломлар йўллар, кейин Ҳазрати Умар шаънини мадҳ қилар эди.

Бир куни Дабба ибн Миҳсон Абу Мусонинг ёнига келди.

— Нега хутбаларингда Абу Бакрни зикр қилмайсан, — деб у зот билан боғлиқ бир қанча хотираларини айтиб берди.

Ҳазрати Абу Бакр ҳақларидаги унинг бу эътирози Абу Мусога ёқмади. Балки Дабба, қўпол-дағал муомала қилгандир. Абу Мусо Ҳазрати Умарга хат ёзиб, Даббанинг устидан шикоят қилди. Мактуб унинг хутбадан норозилиги ҳақида эди. Ҳазрати Умар жавоб хати йўллаб, ўша одамни Мадинага юборишини сўради.

Бир куни Ҳазрати Умар усти-боши чанг, хорғин одамни учратиб қолдилар. Салом-аликдан кейин, йўловчи халифага сўз қотди:

— Мен Дабба ибн Миҳсонман. Басрадан келяпман.

Ҳазрати Умарнинг юзлари буришиб, энсалари қотди:

— Сенга марҳабо, демайман. Хуш келибсан, ҳам деёлмайман. Ўз оилангдагидек ҳурмат кўрасан, деб ҳам айтмайман.

Йўловчига бунақа кутиб олиш ёқмади. Бошқа бировга ҳам ёқмаслиги аниқ эди. Ҳазрати Умардек адолати билан шуҳрат қозонган зотдан бу сўзларни эшитиш, айниқса, оғир эди.

Абу Мусога даъвогар сифатида қаралди. Лекин Дабба айбдор сифатида тингланиши керакмасмиди? Фақат шикоятчининг гапи билан чегараланиб, шикоят қилинувчининг жазоланиши адолатни синдириш бўлади. Шикоят қилувчи қандай жиддийлик, диққат ва сабр билан эшитилса, устидан шикоят тушганга ҳам шундай муомала қилинсин, дея йўриқнома жўнатган шахсан Ҳазрати Умарнинг ўзлари эмасмиди?

Дабба астойдил хафа бўлди. Нима бўлса бўлар, дея ичидагиларни тўкиб солди.

— Сиз хуш келибсан, демасангиз ҳам роҳат ва ҳузурни берадиган Аллоҳдир. Оила масаласига келсак, у ҳам муҳим эмас, чунки менинг оилам йўқ. Ҳеч кимим йўқ. Ҳеч кимим, ҳеч вақоим йўқ, Лекин сиздан бир нарсани сўрамоқчиман: айбим бўлмай туриб, нимага асосланиб, мени ўз юртимдан чақириб олдингизу нима сабабдан бундай кутиб оляпсиз? Аллоҳ олдида бунинг ҳисоби берилмайдими?

Ҳазрати Умардек одамга бундай муомала қилиш, бундай савол бера олиш учун инсонда катта жасорат бўлиши ёки йўjтадиган ҳеч нарсаси бўлмаслиги керак эди.

— Нега менинг волийимни хафа қиляпсан? У билан нимани келишолмаяпсан?

Дабба енгил тин олди.

— Келинг, айтиб берай. Сизнинг волийингиз Аллоҳга ҳамду сано айтади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саловоту салом йўллайди, кейин сизни мақтай бошлайди. Унга Ҳазрати Абу Бакрни эслатиб: "Нега жуда кўп фазилатлари бўлган одамни зикр қилмаяпсан?" дедим. Гуноҳим шу. Ўртамизда бошқа англашилмовчилик бўлгани йўқ.

Шу гапнинг ўзи Ҳазрати Умарга етарли эди. У киши хато қилганларини тушуниб етдилар. Аввал бу одамни эшитиб, кейин гапирадиганини гапириш кераклигини ўйлаб, қилган ишидан пушаймон бўлдилар.

— Валлоҳи, сен ҳақсан. Аллоҳ сени кечирсин, мени афв этасанми?

Ҳазрати Умар буларни чин дилдан айтаётганларини кўзларидан оқаётган ёшдан ҳам билса бўларди. Ҳамма ҳам хато қилиши мумкин, у киши ҳам инсон бўлиб янглишган эдилар, лекин хатосини дарҳол тан олдилар. Зотан, Аллоҳ муттақий бандаларини "улар хатоларида туриб олмайдилар", деган маънода мадҳ этган.

Дабба ҳеч иккиланмасдан: "Аллоҳ мўминлар амирини кечирсин", деди.

Ҳазрати Умар сўзларида давом этдилар:

— Валлоҳи, Абу Бакрнинг бир куни ва бир кечаси, Умарданам, Умарнинг оиласиданам хайрлидир. Сенга унинг бир куни ва бир кечасини гапириб берайми?

— Ҳа, мўминлар амири, гапириб беринг.

У зот Ҳазрати Абу Бакрнинг Набийи Акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ҳижрат йўлидаги ғорда ўтказган бир кечалари ва Расулуллоҳ вафот этган кундаги ҳолатларини гапириб бердилар, Ҳазрати Абу Бакрнинг ўшанда эришган даражаларини сўйладилар.

Сўнгра Абу Мусога қилган иши ёқмаганини айтиб мактуб ёздилар.

Дабба бир оз дам олгач, хотиржам юртига кайтди. У қайтаркан, оловдек тез аланга оладиган, лекин ҳақни севган, адолатни тиклаш учун ҳар қандай фидокорликка тайёр инсон ҳақида ўйлаб кетди.

Бу воқеа Ҳазрати Умарнинг ҳам хотираларида муҳрланиб қолди. Бу ерда жасорат аҳамиятли эди. Дабба Ҳазрати Умарга ҳақиқатни айтмай, жим туриб, ҳақини нариги дунёга олиб кетса ҳам бўларди. Аммо бу иши одамларга ибрат бўлди. Ҳақиқат порлаганда унга чексиз эҳтиром кўрсатадиган Ҳазрати Умарнинг содиқликлари бу воқеа билан янада мустаҳкамланди. Зеро, Ҳазрати Абу Бакриинг вафот этишлари у зотнинг ҳақлари топталишига сабаб бўлмаслиги лозим эди. Ўзидан билимлиларга Ҳазрати Умардек катта эҳтиром кўрсатадиган инсон бошқа йўқ бўлса керак.

 

Бир маст одам

 

Ҳазрати Умар соқолини силаб ўйга толдилар. Қаттиқ жаҳли чиқиб, ўзларини зўрға босиб турардилар. Чунки ҳозир рамазон ойи эди. Лекин у кишини асабларини ўйнаётган, лол қолдирган ва ўйлашга мажбур қилган нарса бу эмасди. Қаршисида турган сурбет одам куппа-кундузи ичиб олган эди. Ичганига гувоҳ қидириб юришнинг кераги йўқ, чунки оғзидан шароб ҳиди анқигандан анқирди. У гапираётганида бемалол гапиролмас, устига-устак оёқда туролмайдиган аҳволда эди.

— Жазосини берайликми?

— Йўқ, ҳозирча қўя туринг. Уни уришдан фойда йўқ. Нега таёқ еганини англайдиган ҳолга келиб олсин.

Мақсад уни ёмон ишидан пушаймон қилиш эди. Чунки бир гуруҳ одамлар олдида шармандали иши учун жазо олса, кейинги сафар қадаҳни ўйлаб кўтаради. Аксинча, маст одам фақат калтак еган бўлиб чиқади, нега калтакланганини ҳам билмаслиги мумкин.

Орадан бир неча соат ўтиб, ҳалиги одамнинг хуши бошига келиб, сўзга кириб қолди бинойидек. Ҳазрати Умарнинг амрлари билан қамчи келтирилди. Лекин қамчи у зотга ёқмади:

— Жудаям енгил ва юмшоқ экан.

Иккинчисини қаттиқ деб рад этди. Ўртача қаттиқликдаги қамчи келтиришди ва ўшаниси унга маъқул бўлди.

— Ураётганда қўлтиқ ости кўринадиган даражада қўлингни кўтарма, юзи, боши ва таносил (жинсий) аъзоларига урма, — деб огоҳлантирдилар Ҳазрати Умар.

Чунки мақсад душмандан қасос олаётгандек уриш эмасди. У шароб ичгани туфайли мана шундай қаттиқ жазо олаётганини билса кифоя эди. Лекин юмшоққина қилиб уриш ҳам мумкин эмасди.

Саксон дарра уриб бўлинди. Ҳазрати Умар қамчилаган одамга юзланди:

— Яна йигирма дарра урасан. Бу рамазонда ичганининг жазоси. ("Китобул хараж")

Калтакдан кейин бояги одам қўйиб юборилди. Энди биров унга "ичма" дейишига ҳожат йўқ эди. Зеро, еган дарралари унга етарли насиҳат бўлди.

Исми номаълум бу инсон кейин яна ичган-ичмаганлигини билмаймиз. Билганимиз кейинроқ Ҳазрати Али ҳам рамазон ойида ичган одамга худди шундай жазони берган эди. ("Китобул хараж")

 

Масжидул Ҳарамнинг кенгайтирилиши

 

Ҳижратнинг 17 йили ражаб ойида Ҳазрати Умар Зайд ибн Собитни ҳузурларига чақирдилар ва:

— Мен умра қилмоқчиман. Сени ўрнимга қолдираман, — дедилар. Сўнг Маккага отландилар.

Маккага яқинлашганларида бир чўпонни учратдилар ва салом бериб:

— Менга битта қўй керак, сотасанми? — деб сўрадилар.

— Сота олмайман.

— Нега?

— Чунки мен фақат чўпонман, сурувнинг эгаси эмасман.

— Яхшиси, қўйни сотиб, пулини ол. Хўжайинингга бўри еб кетди, дейсан, тамом— вассалом.

— Йўқ, бундай қилолмайман.

— Хўп, фойдали таклиф олдинг, нега қабул қилмаяпсан?

— Раббим мени кўриб, суҳбатимизни эшитиб турибди. Унга нима деб жавоб бераман?

Жавоб Ҳазрати Умарни йиғлатди. Излаганлари айни шу инсон эди. У мард, ҳалол ва дунё учун охиратини сотмаган инсон. Мана Аллоҳга бўлган муҳаббатнинг инсонни олиб чиқадиган даража ва мартаба намунаси.

— Сен кимнинг чўпонисан? Поданинг эгаси ким?

Ҳазрати Умар пода эгасини билиб олиб, чўпон билан хайрлашдилар. Чўпон эса, икки дақиқа аввал хиёнат қилишни таклиф этган, лекин унинг жавобидан йиғлаб юборган баланд бўйли сийрак сочли бу одам ортидан ҳайрат билан тикилиб қолди (Ҳазрати Умар эҳромда бўлганлари учун бошлари очиқ эди).

Чўпон у зотни танимади ҳам. Унинг азиз кишилигини фақат нуроний юзи ва самимиятга тўла кўзларидан билган бўлса, бордир. Чўпон ёнида хизматчию қўриқчилари бўлмаган Ҳазрати Умарни таниши ва Амирул мўминин дея мурожаат қилиши ақл олмайдиган ҳолдир.

Ҳазрати Умар Маккага етиб боргач, пода эгасини чақиртирдилар:

— Ўша чўпонни сотиб олишни истайман.

— Уни сизга ҳадя киламан, мўминлар амири. Лекин нега уни сотиб олмоқчисиз, шуни билмоқчиман.

Ҳазрати Умар бўлган воқеани айтиб берди. Кейин ҳалиги қулни чақиртиришди. Чўпон қаршисида бир кун аввал учратган одам билан хўжайинини кўриб шошиб қолди.

— Энди амирул мўмининга тегишлисан, менга боғлиқлигинг қолмади.

"Менга йўлда сохтакорликни таклиф қилган шу одам амирул мўмининми?!" деб юборишдан ўзини зўрға тийиб қолди. Зотан, унинг гапиришига ҳожат йўқ, эди. Ҳазрати Умар:

— Сени Аллоҳ ризоси учун озод қиламан, энди эркинсан, — дедилар.

У қулоқларига ишонмай қолди. Кеча ўзи Аллоҳ ризоси учун ҳалоллик қилган эди. Бугун эса, уни Аллоҳ ризоси учун озод қилишяпти.

Юзларидан мамнуният ёғилиб:

— Аллоҳ сиздан рози бўлсин, мўминлар амири! — деди. ("Иҳйоу улумиддин")

Ҳазрати Умар умрани адо этиб, Махрама ибн Навфал, Азҳар ибн Абду Авф, Ҳувайлид ибн Абдул Уззо ва Саид ибн Йарбуларни чақириб:

— Сизларга Масжидул Ҳарам чегарасини билдирувчи тошларни янгилаш вазифасини топшираман, — дедилар.

Маккада Ҳаром ҳудуди бор. Бу ҳудудда уришиш, ов қилиш ва дарахт кесиш ман қилинган. Бу ерда жанг ҳам олиб борилмайди. Бу жойлар пайғамбар Иброҳим алайҳиссалом тарафидан Жаноби Мавлонинг ваҳий ва илҳоми билан белгиланган, кейинрок, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни янгилаганлар. Шамол Ҳаром ҳудудини белгилаб турувчи тошларни қум билан қоплаб, вақт ўтиши билан кўринмай қоларди. Тошлар вақти-вақти билан янгиланмаса, бу ҳудудни билиш қийинлашиб, ҳатто билинмай кетарди. Шунинг учун бу ишни ҳудудни яхши билган тажрибали одамлар амалга ошириши керак эди.

Тўрт биродар буйруқни бажариш учун ишга киришдилар.

Ҳазрати Умар шу йили Каъба атрофини ўраб турувчи Масжидул Ҳаромни ҳам кенгайтиришга қарор қилдилар. Чунки йилдан-йилга ортиб бораётган ҳожиларга масжид кичиклик қилаётган эди.

Шу мақсадда Масжидул Ҳарамга кўшни яшовчилар билан учрашиб, уйларини сотиб олиш истагини билдирдилар. Лекин одамлар бунга унашмади. Улар Каъбадан узоқлашишни исташмаётган эди. Жоҳилиятдаки, катта аҳамият беришган Каъбадан энди Ислом даврида айрилсинларми?

Лекин бошқа йўл йўқ эди. Ҳазрати Умар ҳам уларнинг дилларига озор бериб, уйларини тортиб олиш учун бу қарорга келмаганлар. Зеро, беш-ўн кишини хафа қилиб ҳам бу ишни қилишлари мумкин эди. Мабодо, бу ишни қилмасалар, ҳар йили кўплаб мусулмонлар қийналади, ҳатто ҳаж арконларини бажаролмай қолишлари ҳам мумкин.

Ҳазрати Умарнинг амрлари билан, уйлар бузилиб, эгаларига белгиланган нарҳдан юқорироқ пул берилди. Лекин улар олишмади.

— Бу пулни истаган вақтингизда олиш шарти билан Байтулмолга қўяман, — дедилар Ҳазрати Умар.

Шундай қилиб, Масжидул Ҳаром қисқа муддатга бўлса-да, ҳожиларга кифоя қиладиган ҳолга келтирилди.

Яна бир масала "Мақоми Иброҳим" номли тошнинг ҳолати ҳақида эди. Бу тош Иброҳим алайҳиссалом Каъбани қураётганларида ҳавоза учун ишлатилган, Аллоҳнинг қудрати билан у зотнинг муборак оёқлари шу тошга ботган эди. У ўша замонлардан хотира бўлиб, ҳатто Қуръонда ҳам алоҳида зикр қилинган.

Ҳозирча эса, Каъбада турар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам унга тегмаган эдилар. Энди ҳожилар сони ортиб бориши билан, бу тош атрофида тирбандлик вужудга келиб, тавоф қилишда қийинчилик туғдирарди. Ундан ташқари, тавофдан кейин одамлар бу тошга яқин жойда намоз ўкиб, "Иброҳимнинг турган ўрнини намозгоҳ қилиб олинг", (Бақара сураси, 125-оятдан) деган амрни бажармоқчи бўларди.

Ҳазрати Умар улуғ саҳобийлар билан кенгашиб, тошни Каъбага нисбатан жойлашган чизиғи бўйича узоқроққа кўчиртирдилар. Бугунги кунда Мақоми Иброҳим Каъбадан ўн беш қадамлар нарида турибди.

Бошқа ривоятга кўра, Ҳазрати Умар Мақоми Иброҳим ўрнини зулҳижжа ойида ҳажга келганларида ўзгартирганлар. (Ибн Касир, "Ал-бидоя")

 

* * *

 

Бир неча киши Ҳазрати Умарнинг ҳузурларига келиб:

— Амирул мўминин, биз Макка ва Мадина орасида сув бўйида яшаймиз. Сув бор жойга уй қуришга рухсат берсангиз, — дейишди.

— Йўловчилар сояда дам олишлари ва сувдан фойдаланишларига имконият яратиб, уларга ҳалақит қилмайсизлар.

— Хўп, бу шартни қабул қилдик, — деб чиқиб кетишди. (Ибн Асир, "Ал-комил")

 

* * *

 

Мадинадаги Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидлари ҳам кичиклик қилиб қолди. Чунки жамоат кундан-кунга ортиб борарди. Бу ерда ҳам муаммонинг ечими масжид атрофидаги уйларни сотиб олиб, масжидга қўшиб юбориш эди. Ўша уйлардан бири Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амакилари Аббосники эди. У кишига белгиланганидан кўпроқ пул таклиф қилинса-да, сотишни ҳеч истамадилар.

Охири иш қозига ҳавола қилинди. Ҳазрати Умар одатларидан чекинмаган ҳолда ҳакам танлашни қаршиларидаги одамга қолдирдилар. Аббос розийаллоҳу анҳу Убай ибн Каъбни танладилар. Икковлон бориб, Убайга воқеани айтиб беришди. Убай ҳар икки тарафни ҳам тинглаб бўлгач, ҳукм чиқардилар:

— Аббосни рози қилишингиз керак. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидларига бўлса ҳам, эгасининг розилигисиз хрч бир уйни қўшиб ололмайсиз.

Икковлари ҳам ташқарига чиқишди. Аббос Ҳазрати Умарга ўгирилдилар:

— Ўша уйни мен Аллоҳ ризоси учун баҳш этдим, эвазига ҳеч нарса керакмас. (Шиблий, "Асри саодат")

Аббоснинг бу хатти-ҳаракати тушунарсиз эди. Уйни Аллоҳ ризоси учун баҳш этадиган бўлса, Ҳазрати Умарни овора қилишдан мақсади нима эди? Ёки у киши баҳш этмоқчи бўлди-ю Ҳазрати Умар унамадиларми? Ёхуд Ҳазрати Умар уйни арзон-гаровга сотиб олмоқчимидилар?

...Масжид етарли даражада кенгайтирилди. Фақат уммул мўмининлар — оналаримиз уйлари масжидга туташ қолдирди.

Тамим Дорий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида бажарган масжид қандилларини ёқиш ишини Ҳазрати Умар замонларида ҳам давом эттирди.

Бу орада Мадинага бир оз миқдорда ёғоч келтирилди. Уни одамларга бўлиб берилса, жуда оз улушдан тушар, бирор ишга яратиш маҳол эди. Шунинг учун Ҳазрати Умар ёғочни масжидда ўтин қилиб ёқиб, ундан барча фойдаланишини истадилар ва масжидга олдирдилар.

Масжид ичига аввал Ақиқ ўлкасидан келтирилган бўйралар, кейин намат тўшалди. Шундай қилиб, масжид анча кенгайиб, ибодат қилишга бир мунча қулай шароит яратилди.

 

* * *

 

Жума кунларининг бирида Ҳазрати Умар минбарда хутба ўқиётган эдилар, кўзлари эшикдан кирган одамга тушди. У киши Ҳазрати Усмон эди. Хутбаларини бўлиб, Ҳазрати Усмонга юзландилар:

— Одам шу пайтдаям келадими, Усмон?

Ҳазрати Усмон далада ишлаётганларини, азонни эшитишлари ҳамоно таҳорат олиб келганларини айтганларида, Ҳазрати Умар ҳайрат ва жаҳл ичра қолдилар. У киши Ҳазрати Усмондек дўстлари шундай кунда диққатлироқ ва зийракроқ бўлиши керак, дея ўйлаган эдилар. Зеро, у оддий Усмон эмас, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам севган, ҳурмат қилган, икки қизларини берган Ҳазрати Усмон эди.

— Демак, шунчаки таҳоратми? Ваҳолангки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жума кунлари ғусл қилиб келишни ва бадандаги ҳид билан бошқаларга озор бермасликка қандай аҳамият қилганларини билмайсанми? — дедилар, сўнг яна хутбаларида давом этдилар.

 

* * *

 

Шу ўринда Ҳазрати Умар намозни жамоат билан ўқишга катта аҳамият берганлари ҳақида ҳикмат бор:

— Дўстларингизни намозда кўрмасангиз, уйларига бориб зиёрат қилинглар. Бемор бўлса, шифо тиланглар. Касал бўлмай, масжидга чиқмаётган бўлсалар, жамоатга қўшилишга унданглар. Келаётганларни олқишланглар.

У киши намсозни вақтида ўкишга эътибор берардилар. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: "Амалларнинг қайси бири энг яхшиси?" дея сўраган саволларига: "Вақтида ўқилган намоз", деган жавобни олган эдилар.

Бир оқшом ишлар кўпайиб кетгани туфайли намоз вақтидан бир оз кечикди. Намоз адо этиб бўлинганида шафақ қизиллиги йўқолиб, қоронғу тушиб қолган эди.

Бу нарса Ҳазрати Умар кутмаган ҳол эди, шунда у киши қулларидан бирини чақириб:

— Сени Аллоҳ ризоси учун озод қиламан. Шу ондан эътиборан эркинг қўлингда, — дедилар. ("Иҳйоу улумиддин")

 

Амирнинг қўли от узангиси бўладими?

 

Абдуллоҳ ибн Аббос ҳали ёш йигитча бўлса-да, Ҳазрати Умар унга катта ёшдагилар қатори илтифот ва ҳурмат кўрсатар эдилар. Буюк раҳбарнинг Ибн Аббосга бундай муносабатда бўлишларига сабаб унинг илми ва иқтидори эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у зотни ҳали болалигида қучоқларига олиб, Аллоҳдан уни Қуръон билимдони қилишини сўраб илтижо этган эдилар.

Ўзлари ҳам каттагина олим бўлган Ҳазрати Умар илмга бўлган эҳтиромлари туфайли набиралари тенги Ибн Аббосни мажлисларнинг тўрини кўрсатадиган даражада ҳурмат қилардилар. Нафақат уни, балки бошқа илмли ёшларни ҳам эъзозлар эдилар. Масалан, отга минаётган Зайд ибн Собитга қўлларини узанги қилган ҳолда оёғидан тутиб, ёрдамлашиб юборардилар. Буни ихлос билан Аллоҳ ризоси учун қилардилар. Ваҳолангки, Зайд Ҳазрати Умарнинг набиралари тенги ўспирин эди.

Бир куни Ҳазрати Умар яна Зайдга отни минишга кўмаклашдилар, кейин ҳайрат билан қараб турган атрофдагиларга ўгирилдилар:

— Зайд ва унинг шогирдларига шундай мулозамат қилингиз.

Аслида Абдуллоҳ ибн Аббос ҳам, Зайд ибн Собит ҳам илм савияси бўйича Ҳазрати Умарга тенг эмасди. Бу билан Ҳазрати Умар ҳар соҳада бўлгани каби, тавозуъда ҳам бошқаларга ибрат кўрсатар эдилар.

Ҳазрати Умарнинг фикрларича, кундузлари рўзадор, кечалари бедор мингта жоҳил обиднинг ўлими бир олимнинг ўлими билан бир хил эмас. Чунки олим адашса, олам адашади.

Одамлар гоҳ-гоҳида у кишининг шундай деганларини эшитиб қолардилар:

— Илм олинглар! Илм билан биргаликда вазминлик ва ҳалимликни ҳам ўрганинглар. Бошлиқларингизни ҳурмат қилинглар, уларга нисбатан тавозуъли бўлинглар. Такаббур олим бўлишдан сақланинглар. Агар кибрли ва манман бўлсангиз, илмнинг эмас, жаҳлнинг йўлига юрган бўласиз...

Бир суҳбат асносида Ҳазрати Умар шундай деганлари нақл қилинади:

— Бу уммат учун энг таҳликали ҳисоблаганим мунофиқ олимлардир.

Мажлисдагилардан бири:

— Билимдон мунофиқ деганда нимани назарда тутяпсиз, мўминлар амири? — деб сўради.

— Илм фақат тилларида бўлиб, қалбларида Аллоҳдан қўрқмаган, қиладиган ишлари фосиқлик бўлганларни назарда тутяпман.

 

Фитна

 

— Бугун жаноза борлигини биласанми, Ҳузайфа?

— Ҳа, биламан.

— Унда юр, ўқиб олайлик.

— Ўқишни истамайман.

Ҳазрати Умар Ҳузайфа ибн Йамонни зўрламадилар. Лекин ўзлари ҳам йўлларини ўзгартирдилар, жанозага бормадилар. Вафот этган киши мунофиқлардан эканини англадилар.

— Мунофиқлардан яна борми, Ҳузайфа?

— Ҳа, бир нечта бор.

Ҳазрати Умар: "Уларни менга айтсанг, хурсанд бўлардим", деёлмадилар. Чунки илтимос барибир қондирилмасди. Бу мавзуда Ҳузайфа оғиз очмаслиги, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қулоқларига пичирлаб айтган бу сўзларни у ўзи билан қабрга олиб кетиши маълум эди.

— Майли, Ҳузайфа, лекин айт-чи, ўша бир нечтанинг ичида мен ҳам борманми?

Ҳазрати Умардек инсон бу саволни бермасликлари кераклигини биз биламиз. Агар бу дунёда Ҳазрати Умар ҳам мунофиқ бўлсалар, қолганлар орасидан чин мусулмонни кундузи чироқ ёқиб топиш даргумон. Ҳазрати Умар ҳам бу саволни майнавозчилик қилиб эмас, жиддий сўраётган эдилар.

Зеро, Ҳазрати Умарнинг фикрларича, унинг даражасидаги инсоннинг хатоси оддий одамнинг хатоси билан баробар эмас. Яна у зот бир тарафдан Аллоҳнинг раҳматидан умидини узмаган, бошқа тарафдан Унинг азобидан асло хотиржам бўлмаган тақво соҳиби эдилар. "Муҳаммад уммати орасида энг юксак мартаба соҳиби бор", дейилганда, "Ўша мен эмасмиканман?" деб умид қилган ҳам, "Шу уммат орасида энг мунофиқ одам бор, ўша одам азобга маҳкум", дейилганда ҳам, "Ўша мунофиқ мен эмасмиканман?" дея қўрққан одам Ҳазрати Умар эдилар.

— Йўқ, амирул мўминин, сиз мунофиқ эмассиз!

Ҳазрати Умар енгил тин олдилар.

 

* * *

 

Кунларнинг бирида Ҳазрати Умар Ҳузайфа ҳам қатнашаётган йиғилишда:

— Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг фитна хусусида айтган гапларини ким хотирлайди? — деб сўрадилар.

— Мен! — деди Ҳузайфа ибн Йамон.

— Ҳа, Ҳузайфа, сен жудаям жасур инсонсан. Қани гапир-чи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам нима деган эдилар?

— Инсон хотин туфайли тушадиган фитналар юз беради. Яна моли, бола-чақаси, қўшниси ва, ниҳоят, ўзи туфайли фитналарга дучор бўлади. Уни буларнинг гуноҳи ва залворидан рўзаси, намози, садақаси, ёмонликдан қайтариб, яхшиликка даъват қилишлари қутқариб қолади.

Ҳазрати Умар яна сўз олдилар:

— Буни сўраётганим йўқ, Расулуллоҳнинг денгиз тўлқинлари каби жўшадиган фитна ҳақида гапирганларини айтмоқчийдим.

— У фитналарнинг сизга нима даҳли бор, мўминлар амири? Сиз билан ўша фитналар орасида қулфланган эшик мавжуд.

— Унда айт-чи, бу эшик очиладими ё бузиладими?

— Бузилади.

— Кейин ҳеч қачон ёпилмайди...

Суҳбат шу ерга келганда узилди. Кейинроқ Ҳузайфа билан бўлган суҳбатда бир киши:

— Умар бу эшик кимлигини билармидилар? — деб сўради.

— Ха, У буни тундан кейин кундуз келишини билгандек, аниқ биларди. Мен у билан бу мавзуда очиқ-ойдин гаплашиб олганмиз.

Улар ҳам: "Ўша эшик ким экан, Ҳузайфа?" дейишолмади, лекин бу билан кўнгиллари жойига тушмай, Масруқдан илтимос қилишди. Масруқ Ҳузайфани топди.

— Эй Расулуллоҳнинг дўсти. Дўстларингиз сиздан ўша бузиладиган эшик кимлигини сўролмабди. Аммо мендан шу одам кимлигини сўраб беришимни илтимос қилишди. Эшик бўлган ўша инсон ким?

— У Умар ибн Ҳаттобдир! (Муслим, "Фитналар")

 

* * *

 

— Буям бир фитна...

Ҳазрати Умар шундай дейишга, шундай деб ўйлашга мажбур эдилар. Чунки келтирилган хабар кишини хурсанд қилмасди. Гап Сабиғ исмли шахс ҳақида эди. У илм мажлисларида Қуръондаги муташобиҳ оятлар ҳақида саволлар бериб, одамларни чалғитаётган экан.

Маълумки, Қуръондаги баъзи тушунилиши кийин ёки умуман тагига етиб бўлмайдиган оятлар муташобиҳ дейилади.

Аллоҳ таоло қалблари ботилга мойил бўлган одамларгина муташобиҳ оятларга бурун суқишларини ва буни фақатгина фитна-фасод кўзғатиш мақсадида қилишларини айтган. (Оли Имрон сураси, 7-оят)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида "Алиф Лом Мим" каби фақат ҳарфлардан иборат оятлар ҳақида савол сўралмаганидек, Аллоҳнинг қўли, юзи, кулиши, истивоси борасида ҳам биров сўраб ўтирмаган.

Бундан ташқари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Қуръоннинг муташобиҳ оятлари билан машғул бўлган ва бу йўлда жидду жаҳд қилган кишиларни кўрганингизда, билингизки, Аллоҳ "фитнага солувчилар" деган кишилар улардир. Уларга яқинлашманглар!" дея огоҳ этганлар. ("Тафсири Табарий")

Шу кунгача бутун ҳаётини Ислом ва Қуръонга хизмат билан ўтказган Ҳазрати Умар, табиийки, бу хабардан ларзага тушдилар, ғазабландилар. Яна бир фитна чиққани учун Аллоҳга ҳамд ва шукр қилинмасди. Демак, гапни бунақа мавзуларга бурганлар секин-секин ғимирлаб қолишибди.

Зотан, Ислом давлати кенг сарҳадларга ёйилар экан, шундай муаммолар чиқиши табиий ҳол эди. Фикрлаш тарзи, урф-одати, анъаналари, маданияти бир-биридан фарқ қилувчи элатлар ўзларига етказилган Исломни Ҳазрати Умар, Ҳазрати Али каби чуқур англамас эдилар, уларнинг тушунчасига ўзлари яшаётган муҳит ҳам таъсирини ўтказарди. Ҳар кимни Ҳазрати Умардек диндор ва тақводор деб қабул қилиш, саҳобалардан кутилган ишларни эндигина мусулмон бўлганлардан кутиш тўғри. Арабларнинг ўзидаёқ динга турлича ёндошадиганлар бўлганидек, ажамлар орасидан ҳам шундайлар чиқиши аниқ эди...

Ҳозир қилиниши зарур бўлган иш ўша Сабиғ исмли одамни топиш, уни сўроқ қилиб таъзирини бериб қўйиш эди.

Ҳазрати Умар даставвал хурмо шохидан калтак ясаб олдилар ва ёнларига суяб қўйдилар. Кейин эшик очилиб, бир киши ичкари кирди. Салом бергач:

— Мен Аллоҳнинг кули Сабиғман, — деди.

— Мен Аллоҳнинг бандаси Умар ибн Ҳаттобман.

— Сиздан бир саволимга жавоб олиш учун келдим, мўминлар амири!

— Сўра, билганимиз қадар жавоб берамиз.

— Аллоҳ Қуръонда "Раҳмон Арш устига истиво қилди", деган. Шу оятда нима назарда тутилган?

— Одамини топиб сўрадинг-ку! — дедилар Ҳазрати Умар ва қўл узатиб бояги калтакни олдилар. Сабиғ кутилмаганда кетма-кет бир неча зарба еди. Ҳазрати Умар уни урарканлар: "Сен мўминлар орасида фитна-фасод чикариб, уларнинг пок эътиқодларига шубҳа аралаштирмоқчимисан?!" дердилар.

Сабиғ бу сафар найранги ўтмаслигини англади. У берган саволига жавоб ҳам кутмай, калтакдан қутулиш пайига тушди.

— Худо ҳаққи, мўминлар амири, етади. Ишонсангиз, ҳамма нарсани унутдим. Нимани сўраганим ҳам эсимдан чиқиб кетди.

Ҳазрати Умар унга етарли сабоқ берганларига ишонч ҳосил қилгач, тўхтадилар.

— Ўша саволни яна бир бер-чи!

— Йўқ, валлоҳи, йўқ. Энди бунақа нарса сўрамайман.

— Яхши, боравер! Лекин яна шу ҳақда оғиз очганингни эшитиб қолсам...

— Хотиржам бўлинг, мўминлар амири, эшитмайсиз! ("Қуртубий тафсири")

Ҳақикатдан ҳам, Сабиғ олган илк сабоғидан тўғри хулоса чиқариб, ҳаётининг охирига қадар бировни бу каби саволлар билан безовта қилмади. У "амирул мўмиин Умар" деганда ичини титроқ босиб, хурмо шохи калтаги эсига тушиб, етарли дарс олганини хотирлар эди.

Сабиғнинг бундан кейинги ҳаёти ибратли кечди, десак хато қилмаган бўламиз. Лекин иш шу ерда Сабиғнинг ўзи билан битмаслиги аниқ эди. Келажакда беҳисоб сабиғлар чиқиб, одамлар орасига қанчадан-қанча фитна-фасодлар ёяди, ҳаммаёқни вайрон қилади, аммо улар қаршисида хурмо шохини тутиб адабини берадиган умарлар бўлмайди.

 

Оз ейишга одатланган амир

 

Ҳазрати Умар бир хутбаларида шундай дедилар: — Менинг Аллоҳ берган мол-дунё олдидаги ҳолатим етимнинг молига қараб қолган одамнинг аҳволига ўхшайди. Шу сабаб, агар тасарруфимда ўзим ва оиламга етадиган маблағим бўлса, етимнинг молидан олиш ҳақида ўйламайман. Мабодо, муҳтож бўлиб қолсам, эҳтиёжим қадар оламан. Кейинчалик қўлим узайиб, бойлик орттирсам, еганим ҳаққини тўлаб қўйишни истайман. ("Табақот")

Бошқа бир хутбаларида эса қуйидагиларни сўзлаган эдилар: — Байтулмолдан менга ҳалол бўлгани, халифа бўлишдан аввал ўзимнинг молимдан қанча сарф қилган бўлсам, шунчадир.

Ўшанда Ҳазрати Умар хутба қилар эканлар, Анас ибн Молик, Абу Усмон Нақдий ва бошқаларнинг кўзлари халифанинг эгнидаги кийимда эди. Ридонинг белдан тепа қисмининг ўзида ўн иккита ямоқ бор эди. Бу ямоқларнинг бир қисми тери парчалари эди. ("Табақот", Ибн Асир, "Ал-комил")

Ҳеч ким юрак ютиб: "Умар, биз сизнинг шундай деб ўйлашингизни қаердан билайлик?" деёлмас эди. Лекин у зот эгниларидаги кийимни бир-икки соатдан кейин ечиб ташлаб, сўнг яхшисини кийиш, фақат одамларда бошқача фикр уйғотиш учун киймаган эдилар. Ҳазрати Умарда бундай тубан ва бетавфиқ ният йўқ эди. Зеро, уйда ҳам, элчилар гуруҳини қабул қилганларида ҳам, масжидга чикқанларида ҳам киядиган кийимлари шу эди. Шундай кийинишни ўзлари учун расман қабул қилган эдилар.

Бир куни Ҳазрати Умар йўқлаб келган одамларга шундай дедилар:

— Эшитинглар, Аллоҳ берган молдан менга ҳалол бўлгани ҳақида айтаман: битта қишлик, битта ёзлик кийим, иккита энгил-бош. Ҳаж, умра ва бошқа сафарларга чиқиш учун бир бош улов. Ўзим ва оилам учун озуқа. Бу озиқ-овқатнинг миқдори Қурайшнинг ўртаҳол оиласи қанча еса, шунчадир. Бир нарсани унутманглар: мен ҳам бир мусулмонман. Уларнинг аҳволи қандай бўлса, меники ҳам шундай бўлади, улар қандай яшаса, мен ҳам шундай яшайман... («Табақот»)

Ҳазрати Умарнинг бу сўзлари самимий янграр эди. Ўн йилу олти ойу тўрт кун давом этган халифаликлари мобайнида биров келиб: "Ҳей Умар, ўзингни бос. Нима, сен давлат молини уммондек чексиз деб ўйлаяпсанми?" демади, деёлмади.

Баъзида адолат шамшири бўлмиш Ҳазрати Умар Байтулмолга келиб, ҳазинабондан илтимос қилиб, бир оз миқдорда қарзга пул олар, сўнг вақтида қайтарар, баъзан вақтида тўлай олмас ҳам эдилар.

Қарз муддатидан ўта бошлаганда, ҳазинабон келиб, оёқ тираб тўлашни талаб қилганида, Ҳазрати Умар: "Йўқол кўзимдан! Менинг кимлигимни билмайсанми?!" демасдилар ёки ҳазинабоннинг ўрнига бошқасини кўйишни ҳам ўйламасдилар, аксинча, қарзларини тўлаш йўлларини ахтарардилар.

Гохида тўлолмаган қарзлари йиллик маошларидан олиб қолинарди. («Табақот»)

Лекин ўша маош ҳам ҳеч вақт Аббос ибн Абдулмутталибникичалик бўлмас эди.

Бир куни Ҳазрати Умар тижорат мақсадида Шомга мол юбормоқчи бўлиб, Абдураҳмон ибн Авфга одам жўнатдилар ва тўрт минг дирҳам қарз бериб туришини сўрадилар. Бироқ жўнатилган одам қуруқ қўл билан қайтиб келди.

— Байтулмолдан олиб, қўлига пул тушиши билан тўлаб қўйсин — дебди Абдураҳмон.

Жавобдан кўнгиллари оғриган Ҳазрати Умар Абдураҳмонни ўзлари қидириб бордилар.

— "Байтулмолдан олсин, кейин кўлига пул тушса, тўлаб қўйсин", деган сенми? Хўп, ўша пулни топа олмай, ўлиб қолсам, нима бўлади, Абдураҳмон? Сизлар ўшанда "Амирул мўминин олган эди, қўяверинглар" дейсизлар. Лекин мен охиратда унинг ҳисобини бераман-ку! Йўқ, Абдураҳмон, бундай қилолмайман. Мен сенга ўхшаган қаттиққўл, берган нарсасини қайтариб олишни ҳам биладиган одамдан қарз олмоқчиман. Токи қарзни тўлолмай жоним узилса, келиб меросхўрларим билан талашиб-тортишиб, ҳаққини олиб кетсин. ("Табақот", 'Тарихи табарий")


Qayd etilgan


AbdulAziz  23 Fevral 2010, 17:11:46

* * *

Ҳазрати Умар касал бўлиб қолдилар. Ошқозонларида чидаб бўлмас оғриқ хуруж қилар эди. Зиёратга келганлар бол шарбати ичишни тавсия қилишди.

Лекин Ҳазрати Умар ари боқмас эдилар, бинобарин, уйларида асал ҳам йўқ, эди. Шу сабаб минбарга чиқиб, бир кўллари билан ошқозонларини силаб, оғриқни босишга ҳаракат қилиб, жамоатга зиёратга келганларнинг тавсияларини айтдилар. Кейин:

— Байтулмолда озгина асал бор. Рухсат берсанглар, ўша асалдан шарбат қилиб ичардим, — дедилар.

— Албатта, ичинг, мўминлар амири, Аллоҳ учун олиб ичаверинг, — дейишди саҳобалар.

Сўнгги асрда демократия ва тенг ҳуқуқлилик тушунчалари соҳиби бўлган кўпчилик бу воқеани эшитиб, "бўлиши мумкин эмас", демоққа шай. Чунки уларнинг тафаккур қозонларида адолат ва мурувватнинг бу даражасини амалда кўриш у ёқда турсин, англаб етишга жой қолмаган.

Минглаб километрларга чўзилган ҳудудда гапи икки бўлмайдиган инсон бўлиш билан касаллигини тузатиш мақсадида Байтулмолдан икки кило асал олишга халқдан изн сўраш ўртасида боғлиқлик кўришга ожиздирлар улар.

Яна бир ҳақиқат. Ҳазрати Умар минбарда букчайиб, асал олишга рухсат сўрарканлар, жамоатдан ҳеч ким ўрнидан туриб: "Эй мўминлар амири, сиз биз ҳақимизда қайғуряпсизми?" демади.

Зотан, ўша давр одамлари шундай эди. Давлат раҳбари сифатида буюк Умар уларни шундай савияга кўтара олган эдилар.

Ниҳоятда оғир бўлган ҳаёт кўпчилик саҳобанинг мадорини қуритиб, ҳеч бўлмаса, оддий турмуш тарзига етарли даражада маош олишга мажбур қилган эди. Улар ҳам: "Амирул мўминин икки кило асал учун жамоатдан рухсат сўрамаслиги, ўзларида эҳтиёжларини қондира оладиган миқдорда ҳамёнлари бўлиш керак эди", дейишди. Уларнинг фикрича, амирул мўмининнинг маоши икки баробар оширилса, Байтулмол касодга учрамайди. Ҳолбуки, Ҳазрати Умар хизматининг ярмини ҳам қилмаган жуда кўп одам у кишидан кўпроқ маош оларди.

Бироқ, ўша маош оширилиши учун Ҳазрати Умарнинг ўзлари рози бўлишлари керак. Зеро, у киши рози бўлмасалар, бу ёқдагиларнинг гапи бекор.

Мақсадларини Ҳазрати Умарнинг ўзига баён қилишга журъат қилолмаган Ҳазрати Али, Ҳазрати Усмон, Абдраҳмон ибн Авф ва бошқалар аввало, мўминлар онаси Ҳафсага учраб, ўртадаги гапни етказдилар. Уларнинг яна бир илтимоси — Ҳазрати Умар таклифни қабул этмаган тақдирда, номлари ошкор этилмаслиги шарт қилинди. Ҳатто қабул қилган тақдирларида ҳам таклиф кимдан чиққанини билишларидан фойда йўқ.

Ҳафса онамиз уларнинг кўнгилларини хотиржам қилиб, оталари ҳузурига йўл олдилар.

Отажон, Аллоҳ ризқимизни кенг қилиб қўйди. Қанчадан-қанча мамлакатлар фатҳ этилди. Аллоҳ ҳамма нарсани мўл ва баракали қилиб қўйди. Энди яхшироқ тановул қилиб, яхшироқ кийинсангиз ҳам бўлаверади.

Ҳазрати Умар қизларининг гапини эшитишни ҳам истамадилар:

— Сенга бу гапларни кимдир ўргатган, Ҳафса. Қани айт-чи, ким улар?

— Сиз "ҳа" демагунизча мен уларнинг номларини айтолмайман. Лекин бир нарсани яхши билингки, бу ўй кўпчиликда бор.

— Майли, сен Расулуллоҳни эслайсанми? — деб, Ҳазрати Умар Ҳафса онамизга бир қанча хотираларни эслатдилар ва: — Сен одамларга эш бўляпсан, аммо отангни тузоққа туширмоқчимисан? Инсонларнинг молим ва баданимда ҳақлари бордир. Лекин динимда эмас, дея таъкидладилар. ("Табақот")

 

* * *

 

Ҳазрати Умар ҳаж ва умрага соябон ва чодирсиз чиқардилар. Ўн икки кун давом этадиган сафарда хоҳ кеча, хоҳ кундузи кун тиғида дам оларканлар чодир қурдирмасдилар.

Уларнинг ўрнига бирон дарахт соясида чўзилиб ухлаб олардилар. Баъзан дарахтга илинган рўмол сояси ҳам Ҳазрати Умарга кифоя қиларди.

Ҳазрати Умар амирул мўминин сифатида йўлда, айниқса, сув бор жойларда йўловчилар эҳтиёжини қондирадиган, дам оладиган работлар қурдирган эдилар. Бу эса, у кишининг инсонларга бўлган мурувват ва хизматлар қилиш истаклари қай даражада бўлганини кўрсатади. Бир сафар Ҳазрати Умар ҳисларини тилларига кўчирдилар: "Қалбимни мўминларга нисбатан марҳамат ва шафқат туйғулари билан, мўминларнинг қалбини ҳам менга нисбатан ҳурмат ва севгилар билан тўлдирган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин.

 

* * *

 

Ҳазрати Умар кўчаларда айланиб, ерга тўкилган хурмоларни тўплар, қайси дарахтдан тушган бўлса, уларни ўша дарахт жой-лашган бокка ирғитар эди.

Одамлар бир куни халифанинг елкаларига кўзада сув ортиб олганларини кўришди. Кўришди-ю ҳеч нарсага тушунишмади:

— Бу не ҳол, Амирул мўминин?

— Нафсим ғурур ва кибр билан бир нарсалар деб пичирлаяпти. Мен эса, унга яхши сабок, бўлсин деб кўзани елкамга ортдим, — дедилар Ҳазрати Умар ва йўлларида давом этдилар.

Зеро, Ҳазрати Умарнинг фикрларича, нафас ростлашга ҳам йўл берилмаслиги лозим бўлган рақиб — ўзини Ҳаққа қарши исёнга ундаган, ноҳақликка кўз тиктирган, ғурур ва кибрни чиройли қилиб кўрсатган нафсдир. Баъзида Ҳазрати Умар гапни бошлаб, охирига етказмасдилар. Гапларини қоқ ўртасида бўлиб, жим бўлиб қолардилар. У кишини тинглаб турганлар аввал ҳайратда қолардилар. Кейинроқ ичларида нафслари ғимирлаб қолгани туфайли шундай йўл тутганларини англардилар.

Бир кун Ҳазрати Умар Анас ибн Молик билан кетиб борар эканлар, ҳожат чиқариш учун девор ортига ўтдилар. Девор ортидан у кишининг нафсларига қилган панд-насиҳатлари эшитилиб турарди.

— Қандай яхши... Қандай яхши... Умар ибн Ҳаттоб амирул мўминин бўлди. Валлоҳи, Умар, сен буларга алданма. Ё Аллоҳни севишни ўрганиб нажот топасан, ё Аллоҳнинг ғазаби келади ва сен ўзингга бир балони сотиб олган бўлиб, нажот йўлинг кесилади.

 

Минбар хотиралари

 

Ҳазрати Умар минбарда мавъиза қилардилар:

— Мен Аллоҳ ва Унинг Расулига итоат этсам, сизнинг ҳам менга эргашишингиз вожиб бўлади. Мабодо, мен Аллоҳ ва Расулига итоатда бўлмасам...

Шу пайт бир йигит ўрнидан турди:

— Унда биз сизни қиличларимиз билан тўғри йўлга бошлашни ҳам биламиз.

Ҳазрати Умар йигитнинг гапларидан хурсанд бўлиб, қўлларини юқори кўтардилар:

— Аллоҳим, Сенга ҳамду сано айтаман, шукр киламан. Сенга қарши борсам, мени қилич билан бўлса-да, тўғри йўлга бошлайдиган бандаларинг бор, — дея Аллоҳга илтижо қилдилар.

Бу ерда ўша йигитнинг жасорати кимдан, қаердан илҳомланиб вужудга келганини изласак, бунда фойда бор. Қизиқ, шу минбарнинг ўзида Ҳазрати Умар эмас, масалан, Марвон, Язид, Абдулмалик ибн Марвон бўлганида йигитча жасоратини намоён қилиб, Ҳазрати Умарга айтган гапларини сўзлай олармиди? Ё сўзлаган тақдирда ҳам Ҳазрати Умар айтган ҳамд ва шукрни эшитармиди? Ёхуд шу ва бошқа гапларни гапириб бўлгандан кейин унга керакли муомала қилинармиди?

Бизнингча, унинг жасорати Ҳазрати Умарнинг ҳақ ва адолатга бўлган эҳтиромларидан келиб чиққан. Агар Ҳазрати Умар халифаликка ўтиришлари билан яхши ва дуруст раҳбарлик қилмаганларида, юқоридаги сўзлар ўша йигит ва бошқаларнинг ҳам кўнгилларини орзиқтирган, лекин тилларига чиқаролмаган орзулигича қолиб кетган бўларди.

Орадан кўп ўтмай, яна ўша минбарда ҳаётини Исломга ва уни тарқатган Пайғамбар алайҳиссаломга хизмат қилиб ўтказган одамларга тазйиқлар ўтказилганда ҳам ҳеч кимнинг оғзи очилмайди. Чунки очилган оғизлар ёпиладиган кунлар келади. Ҳазрати Умарга қарши исён қилганлар Ҳазрати Али ва унинг авлодлари шаънига оғизга олиб бўлмайдиган ҳақоратларни жума хутбаларида тез-тез эшитишга мажбур бўладилар.

"Бундан буён менга Аллоҳдан қўрқувни эслатганинг калласини оламан", деган таҳдид мана шу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳазрати Абу Бакр, Ҳазрати Умар хутба қилган минбардан янгради. Шу гапни гапирган Абдулмалик ибн Марвон мана шу минбарда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг халифаси ўлароқ сўзлайди. Аллоҳдан қўрқувни эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар бир ҳикматнинг боши деб ўргатилган, Буюк Раҳмон ҳам бандаликнинг энг муҳим сифати деб эътироф этган. Абдулмаликнинг гапларини эшитганлар орасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ҳамнафас бўлган, Ҳазрати Абу Бакр, Ҳазрати Умарларнинг риёсатларини кўрган шахслар ҳам бўлади. Лекин энди ўшандай жасорат соҳибининг калласи кетиши ҳам ақлларга ўрнашиб улгуради.

Модомики, Ҳазрати Умарга ўша сўзларни гапирган одам мақтовга сазовор экан, унга шундайин имкониятни берган Ҳазрати Умар ҳам қиёматга қадар олқишга сазовордирлар.

 

* * *

 

Бошқа сафар Ҳазрати Умар хутбаларида бир қарорларини баён қилдилар:

— Бундан буён Расулуллоҳ ўз аёлларига берган тўрт юз дирҳамдан ошиқ маҳрни бекор қиламан.

Орқа сафда ўтирган бир аёл ўрнидан турди:

— Бундай қилолмайсан, Умар!

Бу Фотима бинти Қайс эди.

Ҳазрати Умар сўзларини бўлиб, Фотимага юзландилар. Шу дам: "Ташқарига олиб чиқинг буни. Ақлини киритиб қўйинглар!" десалар бўларди.

Ҳамма ўша аёлга ўгирилди.

Лекин биров унга: "Жойингга ўтир! Бу ишни эрингга қўйиб бер", демади. Ҳазрати Умарнинг юзларига қарай олишнинг ўзи ботирлик бўлатуриб, бир аёлнинг шунча одам орасида, яна жума хутбасида эътироз билдира олиши барчани ҳайратга солди.

— Қайснинг қизи, нега қилолмайман? Қани, гапир-чи.

— Чунки, Аллоҳ "...сон-саноқсиз молу дунёни (маҳр қилиб) берган бўлсангиз-да, ундан бирор нарсани қайтариб олмангизлар" (Нисо сураси, 20-оятдан), деган. Аллоҳ бизга ҳуқуқ беряпти, сен эса унга ғов бўляпсан.

Барча эътиборини Ҳазрати Умар қандай жавоб беришларига қаратди. У киши эса кўп гапириб ўтирмадилар:

— Бу ерда ҳар ким Умардан билимдонроқ. Аёл тўғри гапирди, Умар хато қилди, — дея чиқарган ҳукмларини бекор қилдилар. (Ибн Касир тафсири)

Бизнингча, Фотимани оёкқа турғизган ва гапиртирган жасорат Буюк Умарнинг ўша шонли ва одил шахсияти эди.

 

* * *

 

Яна бир хутбада Ҳазрати Умар жамоатга:

— Эшитинг, эй одамлар, — дея маърузани бошламоқчи бўлдилар.

— Эшитмаймиз, — деди кимдир. Эътироз билдирган Салмон Форсий эди.

— Нега эшитмайсиз?

— Эгнингиздаги кийим бизникидан бошқачароқ экан. Бизга берганингиздан икки баробар ортиқ экан. Сабабини айтмагунинг-ча, сизни эшитмасликка ҳаққимиз бор.

Буни эшитганлар орасида биров: "Жим, Салмон, давлат раҳбари бўлиб, биздан бошқачароқ кийинса ҳеч нарса қилмайди", деёлмади.

Ҳазрати Умар атрофга қараб:

— "Ўғлим Абдуллоҳ қани?" дедилар.

— Шу ердаман, отажон!

— Ўрнингдан туриб, жавоб бер.

Абдуллоҳ ўрнидан турди.

— Отам бошқалардан ортиқча ҳеч нарса олмаганлар. Шунчаки баланд бўйли бўлганлари сабаб, улушларига тушган кийимлари калта келса керак деб ўйладим ва ўзимнинг ҳиссамни отамга тортиқ қилдим. Кўриб турганингиздек эгнимда бу кийим йўқ.

Ҳазрати Умар Салмонга юзланиб:

— Шу тушунтириш етарлими, Салмон? — дедилар. Тасдиқ жавобини олгач, сўзларида давом этдилар.

Салмонга бундай жасоратни берган Умардир. Аксинча, ранг-баранг кийимларни кийиб олиб расмий салтанат об-ҳавосини ҳосил қилиб гапираётган бошқа бир халифа худди шундай эътирозни эшитган замон асло хурсанд бўлмайди.

 

* * *

 

Ҳазрати Умар келган ғанимат молини тақсимлар, одамлар эса у кишининг атрофларига тўпланишган эди. Саъд ибн Абу Ваққос сал кейинроқ келгани учун оломон орасини ёриб, Ҳазрати Умарнинг ёнларига етди. Бироқ бу нарса Ҳазрати Умарга хуш келмади ва ёнларида доим олиб юрадиган таёқлари билан бехосдан Саъднинг бошига тушириб қолдилар.

— Аллоҳ белгилаган ҳукмга бўйсунмай, бошқалар навбатини олдинг. Аллоҳ белгилаган қонун сендан қўрқмаслигини тушунтирмоқчи эдим, — дедилар. («Табақот») Одил халифа ҳар ким ўз навбатига риоя қилиши кераклиги, акс ҳолда, бошбошдоқлик юзага келишини тушунтирмоқчи эдилар.

 

* * *

 

Баъзан Ҳазрати Умарнинг ҳузурларига икки даъвогар келиб, бир-биридан шикоят қиларди. Ўша пайт Форуқ тиз чўкканча Аллоҳга илтижо этардилар: "Раббим, буларга тўғри ва одил ҳукмни етказишимда мадад бер! Чунки уларнинг иккиси ҳам ўзларини ҳақ деб топишим учун динимдан ниманидир юлиб олмоқчилар". («Табақот»)

Яна бошқа пайт шундай деган эдилар: "Ҳузуримга бир-бирининг устидан арз қилиб келганларнинг қай бири ҳақ экани мени қизиктирмайди". («Табақот»)

Ҳазрати Умар бундай дейишларидан мақсад: "Даъвогарларнинг мен таниган, яхши кўрган, қариндошим ёки душманим бўлиши чиқариладиган ҳукмга таъсир этмайди. Мен фақатгина ким ҳақ, ким ноҳақлигини аниқлашга ва уни очиб беришга ҳаракат қиламан", деб айтиш эди.

Шунинг учун ҳам Ҳазрати Умарнинг қариндошларидан бирига ён босганлари ёхуд ҳукм чиқараётганларида ўзлари таниган кишини ҳақ деб топганлари ҳақида биров бир нарса эслаёлмайди.

Бизга маълуми шуки, Ҳазрати Умар бирор нарсани таъқиқласалар, аввало, ўз қариндошларига ўша таъқиқни эслатар, "ҳеч бирингизнинг мана шу таъқиқка амал қилмаганлигингизни эшитмай. Шундай бўлган тақдирда, бошқаларга бериладиган жазони икки баробар оласизлар", дейишини канда қилмас эдилар. («Табақот»)

 

* * *

 

Ҳазрати Умар раият ишларини тартибли олиб боришга жаҳд килсалар-да, бу хатти-ҳаракатлари ибодатларига ҳалақит қилмас эди.

Дўстларидан бири у киши ҳақида шундай дейди: "Инсонларнинг энг кўп рўза тутадигани ва энг кўп мисвок ишлатадигани Умардир".

Ҳазрати Умарнинг ўзлари: "Агар халифаликнинг оғир юки бўлмаганида, муаззинлик ҳам қилган бўлардим", деган эдилар.

Ҳазрати Умар хуфтон намозини ўқиб бўлиб, кўнгиллари тўлгунча Мадина кўчаларини айланардилар. Ёрдамга муҳтож одамлар бор-йўқлигини билиб, кейин уйларига қайтар ва узоқ вақт Холиқ ҳузурида У билан ёлғиз қолар эдилар. («Табақот»)

Бир куни дўстларига шундай дедилар:

— Аллоҳ йўлида юрмасам, Унинг ҳузурида пешонамни тупроққа қўймасам ёки меванинг энг яхшиси танлаб олинганидек, сўзларнинг ҳам энг яхшиси танлаб гапириладиган мажлисларда ўтириб ўзимни бахтиёр сезмасам, бундан ўлим афзалроқ".

Бир куни Шифо исмли аёл бир гуруҳ ёшларнн кўрди. Улар чумолиларни босиб олмаслик учун аста-секин қадам босишар, паст овозда сўзлашишар эди. Аёл уларнинг бу қилиғини тушунмади.

— Нима киляпсизлар? Бу нимаси?

— Бизлар зоҳидлармиз (дунёдан кўнгил узган одамлар).

Шифо ҳайрон бўлди. У шу кунга қадар бунақанги зухд ва тақвони кўрмаган эди.

— Валлоҳи, Умар гапирганда эшиттириб гапирар, юрганда шахдам қадам ташлаб виқор билан юрар, урганда оғритар эди.

Лекин ҳақиқий зоҳид у эди.

 

* * *

 

Ҳазрати Умар доим ўзини сарҳисоб қилар, айбни, аввало, ўзларидан излардилар. У зот "Давлат раҳбари ҳақгўй ва тўғри бўлгандагина, унинг раияти ҳам ҳалол ва дуруст инсонлар бўлади. Давлат раҳбари Аллоҳ олдидаги бурчларини адо этиб қўйсалар, раият ҳам бурчларини адо этади", дердилар.

У киши одамлар орасида хато ва қамчиликларини эслатиб турадиганларни севардилар.

Бир куни минбарда эканлар:

— Одамлар, нон билан ейишга қатиқ тополмаган пайтларим бўлди. Холаларимга булоқдан зилол сув олиб келиб берардим, улар менга майиз ва шунга ўхшаш нарсалар беришарди, — дедилар ва давом этмасдан, минбардан тушдилар.

Ҳазрати Умар шуни айтиш учунгина минбарга чиққан бўлишлари мумкин эмасди.

— Давом этмадингиз, амирул мўминин, нимадир демоқчи эдингиз шекилли, — дейишди ўтирганлар.

— Ҳа. Лекин нафсим ғалаён қила бошлади. Унинг ғурур ва кибрини синдириш, қилаётган мавъизамдан унга ҳисса бермаслик учун тўхтатишни афзал билиб, минбардан тушдим, — дедилар.

...Ҳазрати Умар хуфтондан кейин шаҳар айланар, кейин масжидга қайтар эдилар, Масжидда намоз ўқиётганларга тегинмай, қолганларни ташқарига чиқарардилар. Бир куни одатларига кўра, масжидга келдилар. Ичкарида бир гуруҳ, саҳобийлар суҳбатлашиб ўтирар эди. Ҳазрати Умар крронғуда уларнинг юзларини кўролмай:

— Кимсизлар? — дедилар. Убай ибн Каъб жавоб берди:

— Сенинг дўстларингмиз, амирул мўминин.

— Сизларни намоздан кейин бу ерда нима ушлаб қолди?

— Ўтириб, Аллоҳни зикр киляпмиз.

Бу гапни эшитиб у киши ҳам даврага қўшилдилар. Кейин ўзларига энг яқин ўтирган саҳобага: "Қани, бошла!" дедилар.

У Қуръондан озгина ўқиди. Ҳазрати Умар кейин унинг ёнидагини ва бошқаларни ўкитдилар. Давра айланиб, навбат бу ёнларида ўтирган Абу Саид номли одамга келди. У эса титраб, бирорта ҳам сўз айтолмади.

Ҳазрати Умар:

— Кошки "Аллоҳим, бнзни афв эт, марҳамат қил", десайди, — деб, ўзлари ўқий бошладилар. Тиловат қиларканлар кўз ёшлари шашқатор оқарди. Бир оздан кейин ўқишни тўхтатдилар ва:

— Етар, энди тарқалинглар, — дедилар. («Табақот»)

 

* * *

 

Кунларнинг бирида Ҳазрати Умар қуллари Асламнинг эгнида янги либос кўриб, қаердан олганини сўрадилар.

— Ўғлингиз Убайдуллоҳ ҳадя қилди.

— Майли, ўғлимдан бўлса ол. Бошқа бировдан ҳадя қабул қила кўрма. Убайдуллоҳни чақир, бошқа ҳеч кимни ичкарига қўйма.

Ҳазрати Умарнинг бошқадан ҳадя олмасликка буюришларидан мақсад порага йўл қўймаслик эди. Зеро, тўғридан-тўғри ўзларига бўлмаса-да, қуллари орқали берилиши эҳтимоли бор. Бу эса, одамларнинг шу йўлдан юришларга сабаб бўлиши мумкин эди.

Убайдуллоҳга хабар жўнатилди. Лекин у келмасдан аввал Зубайр ибн Аввом келиб: "Мўминлар амири уйдамилар?" деб сўради.

— Ҳа. Ичкаридалар. Бандлар, бир муддат олдларига ҳеч кимни қўймаслигимни буюрдилар.

Қулнинг жавобидан Зубайрнинг жаҳли чиқиб, унинг қулоқ чаккасига бир тарсаки тортди. Аслам оғриқдан инграб юборди. Унинг овозини эшитган Ҳазрати Умар: "Нималар бўляпти?" дедилар. Аслам ичкарига кириб, бўлган воқеани сўзлаб берди. Ҳазрати Умар Зубайрнинг хатти-ҳаракатидан хафа бўлдилар. Ҳақиқатдан ҳам, хафа бўлса арзирди. Гапирилган гап учун шапалоқ тортиш... Қизиқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳам шундай дейилганда Зубайр каби шапалоқ тортармидилар ёхуд сабр қилиб кутиб турармидилар? Ҳазрат Умарнинг амрини етказиб қўйгани учун беайб қулни уриш ҳеч бир қолипга сиғмас эди.

— Зубайрни чақир.

Зубайр ичкарига кирди.

— Қулни нега урдинг?

— Ёнингизга кирмай туришимизни айтди.

— Шу пайтгача сени бирон маротаба кутдириб ёки ортингга қайтариб юбордими?

— Йўқ.

— Унда сенга: "Бир оз сабр қилинг. Мўминлар амири банд", деса нега маъзур тутмадинг? Валлоҳи, йиртқичгина йиртқичнинг қонини тўкиб, уни ейди... («Табақот»)

Ҳазрати Умар бу билан Зубайрга сабрли бўлганинг яхшироқ демоқчи эдилар.

 

* * *

 

Кунларнинг бирида Қурайш катталари Ҳазрати Умарнинг зиёратларига келишди. Ичкарида у киши Билол, Суҳайб, Аммор каби аввал қул бўлганлар билан ўтирган эдилар. Абу Суфён уларга ҳануз қул деб қарар, озод этилганларини ва юз йиллар мобайнида мўминларнинг бошига тож бўлишларини англамас ёки англашни истамас эди.

Ҳазрати Умар ичкарида улар билан ўтирганларида ташқарида Абу Суфён ва унинг ҳамроҳлари борлигини билардилар.

Абу Суфён чидай олмай:

— Қандай кунларга қолдик?! Қуллар биздан кўпроқ икромга сазовор бўлишяпти, — деб юборди.

Унинг фикрича, Ҳазрати Умар уларнинг келганларини эшитиб, ўша заҳоти ҳузурларидагиларни чиқариб юборишлари ва келганларни кутиб олишлари керак эди.

Лекин у билан келган Суҳайл ибн Амр инсофли одам эди.

— Расулуллоҳ ҳаммамизни Исломга даъват қилдилар. Бу одамлар Исломни қабул қилишди, биз эса уларга қарши чиқдик. Энди биз ҳаққимизга рози бўлишимиз керак. Ўша пайт бизни "Исломни қабул қилмайсанлар", дея ушлаб турган нарса йўқ эди...

Бир пайтлар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳам "Ёнингдаги фақирларни мажлисингдан чиқариб юборсанг, сен билан кўришишимиз мумкин", дейишган эди. Ўшаларнинг баъзилари ҳамон эски фикрлари билан яшаб келаётган эди.

Бинобарин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан кейин Маккада бошланган муртадлик (диндан қайтиш) Суҳайл ибн Амрнинг саъй-ҳаракатлари билан босилган эди. У: "Эй инсонлар, Исломни охирги бўлиб қабул қилганлар сиз эдингиз, энди биринчи бўлиб ундан чиққанлар ҳам сиз бўлмангиз!" деган ва бу сўзлари одамларнинг ҳушини жойига келтирган эди.

 

Абу Мусонинг саломи

 

Кунларнинг бирида Ҳазрати Умар Басрадан келган бир гуруҳ кишиларни қабул қилдилар. Улар Абу Мусодан шикоят қилиб: "У эшикда одамларни кутдиради, сафарга кетаётиб, тажрибали ва ёши катта одамлар бўлатуриб, Зиёд деган котибини ўрнига қолдиради", дейишди. Яна бошқа бир одам Муғийра ибн Шўъба Басрани тарк этаркан, Абу Мусога Оқила исмли чўрини қолдириб кетганини етказди.

Ҳазрати Умар уларга бу иш билан шуғулланишларини айтдилар ва дарҳол мактуб ёзиб Абу Мусони Мадинага чақирдилар.

Бир куни Ҳазрати Умарнинг эшиклари олдида турган мусофир ичкаридагиларга эшиттириб салом берди ва: Абдуллоҳ ибн Қайсман", деди.

Ҳазрати Умар унинг овозини эшитдилар, лекин бандликлари сабаб, жавоб беролмадилар. Мусофир яна бир оз муддат кутгач: "Ассалому алайкум! Мен Абу Мусоман", деди.

Жавоб бўлмагач, учинчи марта салом берди ва бу сафар "Ашьарийман", деди.

Ичкаридан Ҳазрати Умарнинг овозлари келар, лекин эшикни очмас эдилар. Энди унинг қайтиб кетишдан ўзга чораси йўқ эди. Эхтимол, Ҳазрати Умар атай жавоб бермай, Абу Мусони кутдирган ва бу билан бировни куттириш қандай бўлишини кўрсатиб қўймоқчи бўлгандирлар.

Ҳазрати Умар Абу Мусонинг овози келмай қўйгач, аёлларига:

— Абу Мусонинг овозини эшитилдими? — дедилар.

— Ҳа. Лекин жавоб бермадингиз. Ўзингиз уни чақиртирган эдингиз. Қайтиб кетди.

— Уни менга топиб келинглар!

Бир оздан кейин Абу Мусо кириб келди.

— Нега кайтиб кетдинг, Абу Мусо? Ишим борлиги туфайли жавоб беролмаган эдим.

— Мен уч дафъа салом бериб, ўзимни танитдим. Жавоб бўлмагач, изимга қайтдим. Чунки бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай ўргатганлар. У кишининг: "Изн сўраш уч марта. Рухсат берилса кир, бўлмаса ортингта қайт", деганларини эшитганман.

Абу Мусо буларни оддий гапдек гапирарди. Лекин у Ҳазрати Умарнинг юзларида қаҳр аломатларини кўргач, довдираб қолди ва: "Хато гапириб қўйдимми?" дегандек халифага қаради.

— Сен буни Расулуллоҳдан эшитганмидинг?

— Ҳа.

— Мен Расулуллоҳдан ҳадисни эшитмаганман. Ҳозир сен менга у зот шундай деганларига гувоҳ топиб келасан. Тополмасанг, гарданингга тушадиган қамчиларни ўйла! Бу Расулуллоҳ номларидан билиб-билмай гапирадиганларга ҳам ибрат бўлади. Абу Мусонинг юзида "янглишдимми?" деган ифода пайдо бўлди. Лекин амирнинг чеҳрасида ҳазил аломатлари кўринмасди. У ўрнидан турди ва хайр-маъзурни ҳам насия қилиб, қалтираганча чиқиб кетди.

 

* * *

 

Ҳазрати Умар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бўлган бир воқеани унутмаган эдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларидан бир ой узоқ бўлиш мақсадида масжид ёнидаги чордоққа чиқиб кетган пайтлари Ҳазрати Умар зиёратга келган ва ичкарига кириш учун изн сўраган эдилар. Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабул қилмаганлари учун у киши қайта-қайта келган ва бу учтадан ортиб кетган эди. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Уч маротаба изн сўраш керак, Умар", демаган эдилар. Бинобарин, Абу Мусо ҳам тўртинчи бор эшик қоқиши лозим эди.

 

* * *

 

Убай ибн Каъб, Абу Саид Худрий ва яна бир қанча киши суҳбатлашиб ўтиришган эди. Барчалари ансорийлар эди. Шошилганча кириб келган Абу Мусони кўриб: "Бу инсон нимадандир қўрқиб кетган бўлса керак", дедилар.

— Сенга нима бўлди, Абу Мусо?

— Орангизда Расулуллоҳнинг: "Изн уч бора сўралади", деганларини эшитганлар борми?

Унинг саволига ўтирганлар кулиб юборишди. Абу Мусо бундан норози бўлди.

— Олдингизга ташвиш билан одам келсаю, сизлар эрмак қиласизлар, — деди.

— Қани, ўтир! Дардингни айт.

Абу Мусо ўтириб, бўлган воқеани гапириб берди ва саволини яна бир бор такрорлади:

— Ичингизда кимдир менга ёрдам бера оладими?

— Ҳа, Абу Мусо, биз бунга гувоҳмиз.

Абу Мусонинг қуруқшаган лабларига кизиллик югурди ва юзидаги қўрқув бир зумда йўқолди. Хурсанд бўлиб:

— Аллоҳ сизлардан рози бўлсин, — деди.

Энди Ҳазрати Умарни топиб, вазиятни айтиш керак эди.

— Бу ишни орамиздаги энг ёшимиз қилиши керак, — деди у.

Абу Саид Худрий ўрнидан турди, Абу Мусонинг қўлидан тутиб:

— Қани, кетдик, — деди.

Ҳазрати Умар Абу Саиднинг гапларини дикқат билан тингладилар. Абу Саид деди:

— Мўминлар амири, Абу Мусо тўғри айтибди, мен ҳам Расулуллоҳнинг шундай деганларини эшитганман. У ёқда яна гувоҳлар бор. Улар орасида Убай ибн Каъб ҳам бор.

Сўнгра Абу Саид бошқа воқеани айтиб берди:

— Бир куни Расули Акрам бир неча дўстлари билан Саъд ибн Убоданинг уйига бордилар ва алоҳида-алоҳида уч бор салом бердилар. Лекин эшик очилмади. Биров жавоб бермагач:

— Биз ўз гарданимиздагини қилдик, — дедилар ва энди кетмоқчи эдик, ичкаридан:

— Марҳабо, Расулуллоҳ — деган овоз эшитилди.

— Биринчи марта салом берганимни эшитдингизми?

— Эшитдик. Лекин кўпроқ салом беришингизни ва унинг баракотини олишни ният қилган эдик.

Ҳазрати Умар бу воқеани эсладилар. Ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳатто таомдан сўнг: "Дастурхонингизда рўзадорлар ифтор қилсин, таомингизни яхши инсонлар есин ва фаришталар кечирилишингиз учун Парвардигорга дуо килсинлар", дея дуои хайр ўқиган эдилар.

Ҳазрати Умар бошқа эътироз билдирмадилар.

— Якшанба кунлари бозорда савдо қилиш мени бу гаплардан чалғитган, шекилли.

Абу Мусо кисқа фурсатга бўлса-да, елкасидан юк ағдарилганидан хурсанд чиқиб кетди.

 

* * *

 

Шом намозидан кейин Ҳазрати Умар минбар ёнида ўтирган икки кишига яқинлашиб салом бердилар. Улар Убай ибн Каъб билан Абу Мусо эди. Ҳазрати Умар Абу Убайга юзландилар:

— Бу биродаринг нималар деяпти? Сен ҳам Расулуллоҳдан шу гапларни эшитганмисан?

— Ҳа, Ҳаттобнинг ўғли, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шуларни гапирганларида эшитганлар орасида мен ҳам бор эдим. Сиз ҳам Пайғамбаримиз саҳобаларига озор берманг.

Унинг гапларидан Ҳазрати Умар титраб кетдилар. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларни бошлиқларга ишониб топширганларини билардилар.

— Субҳаналлоҳ... Мен фақат эшитган нарсамни яхшилаб тасдиқлатиб олмоқчийдим, холос.

Бироқ ҳануз Абу Мусони нега чақиртирганларини айтмаган эдилар. Волий Басрадан шунчаки йўл юриш учун чақирилмагани аниқ эди. Ҳазрати Умар уни бир чеккага тортдилар:

— Демак, эшик тагида кутиш оғир келди, дегин. Шуни яхши билки, Басрада одамлар сени кутишса, уларга ҳам шунақа оғир келади, дедилар ва унинг устидан қилинган шикоятларни айтиб бердилар (Муслим, "Одоб китоби"). Тажрибали ва улуғ саҳобалар туриб, ёш йигитни ўрнига қолдириб кетгани сабабини сўрадилар.

Абу Мусо усталик қилди.

— Мўминлар амири, сизга маълумки Зиёд ёш бўлишига қарамай, бундай ишларга қобилиятлидир. Мен ёши катталарни менсимаганим учун эмас, аклли, тадбиркор бўлгани учун Зиёдни улардан афзал биламан.

— Унда Зиёдни менга юбор. Уни шахсан ўзим кўришим керак. Дарвоқе, Муғийра ибн Шўъба қолдириб кетган жорияни йўқот. Энди ишингга қайтавер.

Ҳазрати Умар, аслида Абу Мусони жуда яхши кўрар, қаттиқ ҳурмат қилар эдилар. Гоҳ-гоҳида унга: "Қани, Абу Мусо, бизга Раббимизни ёдга сол", дер, Абу Мусо ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам севган овозлари билан Қуръон ўқир, Ҳазрати Умар уни берилиб тинглар эдилар.

Ҳазрати Умар бир куни яна:

— Қани, қалбимизни Раббимизга юзлантирадиган нимадир ўқиб бер, — дедилар. Абу Мусо Қуръон ўқишни бошлади. Бир оз муддат ўқигач, одамлар:

— Намоз вақти бўлди, мўминлар амири, — дейишди.

Худди ўзга оламга чўмгандек Ҳазрати Умар илкис бош кўтардилар:

— Намозда эмасмидик?.. («Табақот»)

 

* * *

 

Абу Мусонинг ёш йигитни ўзига ўринбосар қилиб олиши айб эмасди. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Саид Худрийни қўшиннинг бир қисмига бош қилиб ғазотга жўнатганларида, у ҳали ўспирин эди. Бундан ташқари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларига яқин катта қўшинга Усомани қўмондон қилиб тайинлаган эдилар. Усомо эса, ўша пайт жуда ёш эди. Ҳолбуки, Абу Саидга ҳам, Усомага ҳам ёш эканликлари туфайли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ухуд жангида қатнашишига рухсат бермаган эдилар.

Бу борада Вадо ҳажидаги воқеалар ҳам диққатга сазовордир. Ўшанда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам Арафотдан қайтаётганларида Муздалифага Усоманинг, кейин амакиваччалари Фазлнинг отига мингашиб келганлар. Улардан каттароқ одамлар туриб, ёш йигитчаларнинг уловига минганлари у кишининг ёшларга берган аҳамиятлари ва уларни жамиятга тиргак қилиб тарбиялаш кераклигини билдиради.

Зиёд ҳам жуда ёш эди. Шунга қарамай, у ақл-заковати ва қобилияти билан кўпчиликни ортда қолдирарди. Тадбиркорлиги ва ишбилармонлиги туфайли Абу Мусо уни ўрнига қолдириб, беҳавотир кетар, қайтиб келиб, бунга заррача афсусланмас эди.

 

* * *

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам номларидан айтилган гапнинг ҳақиқатдан ҳам, у кишидан эканини аниқлашда Ҳазрати Умарнинг ўта диққат билан иш юритишлари таҳсинга сазовор. Чунки бир гапни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбат бериш бошқа бировга нисбат беришдан фарқланади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга Аллоҳ ўзгача бир мақом берган. Масалан, у кишини бошқаларни чақиргандек чақириши ман қилинган. Ҳузурларида гапираётганда ҳам овозни у кишиникидан баландроқ кўтариш мумкин эмас. Буларга риоя қилмаганларнинг амаллари бекор бўлиши ҳам аниқ.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтмаган гапни айтди, дейиш, қилмаган ишни қилди, дейиш гапирган одам учун ҳам, уни тасдиқлаган одам учун ҳам хатарлидир. Бинобарин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан боғлиқ воқеаларга жуда эҳтиёткор ва диққатли бўлиш керак. Ҳазрати Умар ўша эҳтиёткорлик ва диққатни қўлдан бой беришни истамасдилар.

Саййидул Мурсалин соллаллоҳу алайҳи ва саллам Вадо хутбаларида: "Бу ерда ҳозир бўлган ҳозир бўлмаганларга сўзларимни етказсин", деган эдилар. Бу амр, албатта, бажарилиши керак эди. Зеро, Қуръон Аллоҳга ва Расулига итоат қилишни буюради. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни билган, динни шахсан, у зотнинг гап-сўзлари, ҳаракатларидан ўрганган ва у киши билан мулоқотда бўлган одамлар билганларини ўзларидан кейингиларга аслидагидек етказишлари шарт эди. Бу уларнинг бурчи эди. Мусо ва Исо алайҳиссаломларнинг динларини ўзларидан кейингиларга асл ҳолида етказмаганларга ваъда қилинган жазо Ислом миллатига ҳам тегишлидир! Қуръонда шундай дейилган: "Биз нозил қилган ҳужжатлар ва ҳидоятдан иборат нарсаларни одамларга Китобда (Тавротда) равшан қилиб берганимиздан кейи яширадиган кимсаларни, шубҳасиз, Аллоҳ лаънатлаган ва лаънатловчи зотлар (фаришталар ва мўминлар) лаънатлаганлар" (Бақара сураси, 159-оят).

Бироқ Ҳазрати Умарнинг бу ҳаракатлари вақтинча яроқли эди. Кейинги авлодлар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўзларига асҳоби киром кўрсатган диққат-эътибор ва ҳурматни кўрсатмайди. Шу боис Набийи акрамнинг суннатлари ёзиб қўйилиши керак эди. Акс ҳолда, баъзи хотираларни вафот этганлар ўзлари билан қабрга олиб кетиши аниқ, Ундан ташқари, мусулмонларни ибодатга ундаш ва гуноҳдан узоқлаштириш мақсадида ёки Ислом душманлари томонидаи уни ичдан йиқитиш учун ёлғон ҳадислар тўқиб чиқарилиши мумкин эди.

Шунинг учун қилиниши лозим бўлган энг зарур иш Расулуллоҳнинг гаплари, ишлари, такрирлари — ҳузурларида қилинган ишларга индамаганларининг барчаси ёзилиб, келгуси авлодларга китоб шаклида қолдирилиши керак эди. Аммо у пайтда Ҳазрати Умар ҳам, у кишининг издошлари ҳам бу зарурат ҳақида ўйлайдиган вазиятда эмасдилар. Фақат ҳижрий 99 йили илк бор халифа Умар ибн Абдулазизнинг амри билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларини ёздиришдек шарафли ишга асос солинди.

 

* * *

 

Зиёд Басрани тарк этаркан, Ҳазрати Умар билан бўладиган учрашувни тасаввур қилиб ҳаяжонланиб кетди. Аввалги учрашувда у ўзи ҳақида яхши таассурот қолдирган, ҳатто жамоат ичида Ҳазрати Умар ўринларидан туриб: "Бу бола иқтидорли нотиқ экан", деб мактаб ҳам қўйган эдилар. Шундай бўлса-да, амирул мўминин билан кўришиши ҳаяжонли эди. Ўшанда Ҳазрати Умар фақатгина унинг жанг ҳақида гапириб берганларини эшитган эдилар. Бу сафар жиддий имтихрн қилиб, синовдан ўтказишлари аниқ.

Зиёд Мадинага етиб келиб, мўминлар амири ҳузурига кирди. Лекин ўзини таништиришга улгурмади. Ҳазрати Умар уни: "Зиёдмисан?" дея қарши олдилар.

— Ҳа, мўминлар амири. Чақиртирган экансиз. Мана, келдим, — деди.

Ҳазрати Умар вақтни кетказмай, уни сўроқка тутишни бошладилар.

— Сенга минг дирҳам эҳсон қилган эдим. Уни нима қилдинг?

— Отам Убайдни қулликдан озод қилдим.

Унинг бу жавобидан Ҳазрати Умар мамнун бўлдилар ва:

— Кейинги маошингни нима қилдинг? — деб сўрадилар.

— Онаизоримни озод қилишга сарфладим.

— Онангга катта яхшилик қилибсан. Эгнингдаги қанақа либос?

— Бу юпқа бўз, амирул мўминин. Рангги бошқачалигини айтмаса, оддий халқ киядиган кийимдан фарқи йўқ. Қимматбаҳо кийим эмас.

— Қуръон ўқийсанми?

— Мусулмонман, ҳар бир мусулмон каби Қуръон ўқийман. Ҳазрати Умар Қуръон ахқомларига доир бир неча савол бердилар ва Зиёднинг жавобларидан қоникдилар. Кейин суннатдан сўрадилар, йигитча бу мавзуда ҳам илмини кўрсатди.

Сўнгра Ҳазрати Умар қоғоз-қалам олиб, Зиёдга бердилар ва Басрада хал қилиниши керак бўлган муаммоларни рўйхат қилиб ёзиб беришини сўрадилар. Зиёд чиройли ифодалар билан рўйхат тузиб чиқди. Ҳазрати Умар ўқиб хурсанд бўлдилар ва уни ёнларига қўйиб, иккинчи қоғозга бошқатдан ёзишни буюрдилар.

Зиёд бу сафар бошқа тарафдан Басра халқи учун қилиниши керак бўлган ишларни ёзиб берди. Унда аввалгисидан кўра тўлиқроқ рўйхат тузди.

Ҳазрати Умар яна қоғоз узатдилар:

— Басрага оид баёнот туз!

Зиёд учинчи маротаба ҳам ўша муаммоларни ёзиб, амирул мўминин узатди; шу билан синов ниҳоясига етди.

— Қаламни менга бер!

Ҳазрати Умар бу сафар ўзлари қоғоз олиб, бир жумладан иборат буйруқ ёздилар ва уни Абу Мусога етказишни буюрдилар. Зиёд мамнун ҳолда халифа ҳузуридан чиқиб юртига шошилди. Басрага боргач, хатни Абу Мусога топширди. Унда: "Зиёд билан маслаҳатлашиб, унинг фикрларидан фойдалан", дейилган эди. Шу тариқа Зиёд имтиҳондан муваффақиятли ўтди, Ҳазрати Умар эса, "Ҳақни эгасига берувчи амир" эканликларини кўрсатган эдилар.

 

Жабала ибн Айҳам

 

Ғассон амири Жабала ибн Айҳам Ислом динини қабул қилиб, вазифасида қолдирилган эди. У ҳижрий 17 йили ҳажга йўл олди. Башанг кийиниб олган ҳолда Байтуллоҳга бормоқда эди. Бундай кийимларни умрида биринчи кўриб турганлар ҳам йўқ эмасди. Ҳатто хизматкорларининг кийими ҳам бошқалар учун ушалмас орзудек эди.

Каъбани тавоф қилишаётганда Фазора қабиласидан бўлган бир киши Жабаланинг оёғини босиб олди. У билмай қолганини айтиб, узр сўрамоқчи бўлиб турган эди ҳамки, юз-кўзи аралаш тушган муштдан гангиб кетди. Нима бўлганини англолмай турган бир пайтда, мушт туширган одам:

— Сен мендек амирнинг оёғини босишга қандай журьат этдинг? — деди.

"Мана бундай", деёлмади. Чунки атрофини шу кишидек башанг кийинган одамлар ўраб олишган эди. Қаршисидаги одамни ургудек бўлса, улар уни шу ернинг ўзидаёқ бир ёқлик қилиб қўйишлари турган гап эди. Бундан ташқари, ҳажга келган одам ёмон гап айтиши, бошқалар билан тортишиши ва ёқалашиши мумкин эмасди. Зеро, ушбу муборак кадамжода бунақанги бемаъни ишлар қилиш таъқиқланган, барчага тазарруъ билан юриш буюрилган эди. Бу ҳукм нафақат ҳаж пайтида, балки, йил бўйи амалда эди.

Бурнидан оқаётган қони билан фазоралик киши Ҳазрати Умарнинг олдига борди.

— Ким сени бу аҳволга солди?

— Яхши кийинган бир одам. "Амирман", деди. Билмасдан оёғини босиб олган эдим, менга мушт туширди.

Ҳазрати Умар ўтирганлардан бирига буюрди:

— Дарҳол ўша амирни топиб кел!

Бир оздан кейин Ҳазрати Умарнинг ҳузурларига кирган Жабала рақиби ўша ерда ўтирганини кўрди. Ҳазрати Умар уни кўрсатиб:

— У сенинг устингдан шикоят қилди, — дедилар.

Жабала ҳайрон бўлди ва "авом бир одам амир устидан шикоят қиладиган кунларга қолдикми?" дегандек Ҳазрати Умарга каради. Унинг фикрича, халифа, аввал амир устидан шикоят қилиш ҳуқуқи ва жасоратини ким берганини сўраши, кейин икки тарсаки тортиши керак эди. Амалда бундай бўлиб чиқмади:

— Қасос олишга тўғри келади, Жабала. Ё у ҳам сенга бир мушт туширади ёки сен уни рози қиласан.

Жабала қулоқларига ишонмай қолди. Ахир бу гапларни амирул мўминин гапираёттан эди.

— Ҳазиллашаяпсизми, мўминлар амири?

У Ҳазрати Умарнинг бунақа мавзуларда ҳазиллашмасликларини билмас эди.

— Йўқ, Жабала, ҳазиллашмаяпман.

— Лекин... Мен амирман, бу эса, авомдан.

— Шундай бўлса-да, қасос олиш керак. Зеро, Исломда ҳақ-ҳуқуқ борасида баробарсизлар. Амир бўлиш жазодан қутулиш учун етарли эмас.

Жабаланинг баттар ҳайрати ошди.

— Мен Исломни қабул қилиб, обрўйим янада ортади, деб ўйлаган эдим.

— Обрўйинг ошди. Лекин ҳар бир инсоннинг ҳақ-ҳуқуқи бор.

Амир бошини эгиб, бир оз ўйланиб қолди.

— Менга эртагача рухсат беринг.

— Хўп. Эртагача рухсат.

Жабала бояги фазоралик кишига ер остидан бир ўқрайиб қараб, чиқиб кетди.

 

* * *

 

Ўша тун одамлар Аллоҳнинг раҳматини сўраб, Каъба атрофида айланишар, баъзилар намоз ўкишар, баъзилар Қуръон тиловат қилиш билан машғул эди. Жабаланинг одамлари эса, йўл тадоригини кўриш билан овора бўлишди. Чодир ичида асабийлашганча у ёқдан-бу ёққа бориб келаётган Жабала гоҳ пешонасидаги терни сидирар, гоҳ жаҳл билан кадам босар ва тинмай: "Бўлиши мумкин эмас! Бўлиши мумкин эмас!" дерди.

Ғассон амири халифа ҳузурида кўлларидан ушлаб турилади ва кимлиги номаълум фазоралик бор кучи билан унинг юзига туширади. Шу билан ҳақини олади. Ёхуд Жабала узр сўраб, "уятли иш бўлди", дейиши ва ўша одамни рози қилиши учун у истаганча пул бериши керак. Жабала бунга чидай олмасди.

Жабала Ҳазрати Умарнинг ҳузуридаёқ бир қарорга келган эди. У ўзини пастга урмай, обрў билан кетиши лозим эди. Ҳозироқ йўлга чиқади, керак бўлса, Румда ҳам обрўйини сақлаб қолади.

— Чодирни бузсак бўлди, қолган барчаси тайёр, амир!

Жабала шу гапдан ўзига келди ва чодирдан чиқди. Чодирни қуравериб тажриба орттирган хизматкорлар беш-олти дакиқа ичида ишини тамомлади. Жабала шовқин қилмай ҳаракат қилишни буюрди.

Қуёшнинг заррин нурлари эндигина Маккага ёйиларкан, улар бир неча соатлик йўл босиб, энди дам олаётган эдилар. Энди буёқларга ҳеч қачон келмайдилар, Маккага қадамларини ҳам босмайдилар. Қалбларида Исломнинг зарраси ҳам қолмаган эди. Умар ўзини авомдан бўлганлар билан баробар кўраверсин, амирлигини оёқ ости қилсин, лекин Жабалани тинч қўйсин, унга тегмасин.

Уларнинг ортидан бир хабарчи келиб, олдиндаги шаҳар амирларига учраб, ўша шаҳарда бўлмаса, бошқасида йўлни тўсишлари ва: "Тўхта! Амирул мўминин сени сўраяптилар" дейишлари мумкин эди. Буни яхши тушунган Жабала оз дам олиб, кўп юриб, бир амаллаб Ғассонгача етиб келди. Бу ерда ҳам кўп турмай Румга қараб қочди ва бошқа қайтмади.

Ҳазрати Умар эртасига Жабаланинг келишини бекорга кутдилар. Юборган одамлар унинг чодири йўқлигини айтди.

Энди фазораликни амирул мўминин рози қилиб жўнатишлари керак эди.

 

Вабо

 

Ҳазрати Умар бир иш билан Мадинадан чиқиб, Сарғ қишлоғига келдилар. Аммо бир хабар у кишини тўхтатди: Шомда вабо тарқалибди. Дарров Абу Убайдага хабар жўнатилди ва у етиб келди.

Ҳазрати Умар саҳобалардан сафарни давом эттириш керакми ё ортга қайтиш, шу ҳақда сўрадилар.

Баъзилар:

— Аллоҳ ризоси учун йўлга чиқдингиз. Бундай вазиятлар йўлингизга ғов бўлолмаслиги керак, — дейишган бўлса, яна бошқалари:

— Олға бориш тўғри бўлмайди. Шу ерда қолиш мақсадга мувофиқ, — дейишди.

Ҳазрати Умар фатҳдан кейин Мадинага келган қурайшийлардан фикр сўрадилар. Улар бир овоздан ортга қайтишни, ҳаётларини хавф остига қўймасликларини ёқлашди.

Ҳазрати Умар ҳам шу фикрда эдилар ва эртасига йўлга чиқишга қарор қилиб, кайтишга тайёрланишни буюрдилар.

— Аллоҳ қадаридан қочасанми, Умар?

Саволни берган Абу Убайда эди. У бу билан: "Аллоҳнинг тақдиридан қоча олмайсан. Пешонангга ўлим ёзилган бўлса, вабо тарқалмаган жойда ҳам ўласан. Қайтишинг ажални кечиктирмайди", демоқчи эди.

Ҳазрати Умар учун бу кутилмаган савол эди.

— Қанийди, бу саволни сен эмас, бошқаси берганида, Абу Убайда. Ҳа, биз Аллоҳнинг қадаридан яна Унинг қадарига қочамиз. Қани айт-чи, бир сурув қўйинг бўлса-да, бир тарафи қуруқ, бир тарафи серсув ва ўтли жой бўлса, нима қилган бўлардинг? Сувсиз ва ўтсиз ерда Аллоҳнинг қадари билан боқармидинг, серсув ва ўтли тарафда?!

Охири гапга аралашмай турган одам сўз қотди. У Ухуд жангида мушрикларнинг қиличи оёғига тушиб оқсоқ бўлиб қолган Абдураҳмон ибн Авф эди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жаннатга кириши башорат қилинган ўн саҳобанинг бири эди.

— Гапиришга изн беринг. Чунки мен сизларга ёрдам берадиган гап айта оламан.

Ҳамма Абдураҳмон томон ўгирилди. Ҳазрати Умар:

— Гапир, Абдураҳмон, қулоғимиз сенда, — дедилар.

— Набийи акрамнинг шундай деганларини эшитган эдим: "Бир жойда вабо тарқалганларини эшитсангиз, у ерга борманг. Сиз турган жойда вабо тарқалса, касалликдан қочиб, у ерни тарк этманг".

Абдураҳмон ибн Авф нақл қилган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари муаммони ҳал қилиб берди. Ҳар икки тарафга ҳам эътироз билдиришга ўрин қолмаган эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу амрлари билан, ташкаридагилар ўз ҳаётини хавф остига қўймаслигини, ичкаридагилар у ердан чиқиб, бошқаларга касалликни юқтирмаслигини назарда тутган эдилар.

Ҳазрати Умар бир оз аввал берган буйруқларини такрорладилар: "Эртага қайтамиз".

Абу Убайда Ҳазрати Умар ва бошқа дўстлари билан хайрлашди. Бу чин маънодаги хайрлашув эди. Энди охиратда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида дийдор кўришишади. У ўлим сари кетаётанини биларди. Зеро, ҳар куни бир неча дўстини олиб кетаётган ўлим, кун келиб: "Абу Убайда ибн Жарроҳ" дея чақирар, ўшанда ўзи истаса-истамаса бу чақирувга жавоб берарди.

Убайда бу орада бўш турган Химс волийлигига қариндоши Иёз ибн Ғаномни тайинлади.

 

* * *

 

Ҳазрати Умар ҳамроҳлари билан Мадинага кайтиб келдилар. Орадан кўп ўтмай, кетма-кет келган шумхабарлар пойтахтга мотам ҳавосини олиб келди.

— Абу Убайда ҳақ ҳузурига йўл олди. Ўрнига Муоз ибн Жабални қолдирди...

— Муоз ибн Жабал Бақо оламига рихлат қилди. Амр ибн Ос волий бўлди...

Бундан буён, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Бу умматнинг амини удир", дея эъзозланган Абу Убайда, "Валлоҳи, сени яхши кўраман", деган шарафга муяссар бўлган Муознинг энди Ислом оламида фақат исмлари яшайди, холос.

Бироқ ҳеч ким бирон кимса ортидан кўз ёш қилишга улгурмасди: ажал кетидан ажал келар, кузда дарахт япроқларини хазонга айлантирган шамолдек, ўлим ҳам одамлар умрига нуқта қўйишдан тўхтамасди.

Балодан омон қолганлар ҳар бир марҳумга алоҳида қабр қазишга имкон топа олмай, икки-учталаб дафн қилардилар. Қабр бошида дуо қилиб турганлар, нари борса, уч кундан кейин ўзлари ҳам қабр эгасига айланарди. Қўмондонлардан бири бўлган Язид ибн Абу Суфён ҳам илоҳий раҳматга қовушганлардан бири эди.

Язид Макка фатҳига қадар Исломдан йироқ яшаган эди. Ҳунайн жангидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, "Кўнглида Исломга мойиллик уйғонсин", деган умидда ўлжадан юз туя ҳадя қилган эдилар. Аслида Ҳунайн жанги худди Абу Суфён оиласи учун қилингандек эди. Чунки ушбу муҳорабадан сўнг аввал Абу Суфён, сўнг унинг катта ўғли Язид ва кичик ўғли Муовия ҳам юз нафардан туя олишди. Улар йиллаб Исломни илдизи билан қўпориб ташлаш, Аллоҳ Расулини йўқ қилиш учун қўлларидан келган ишни қилдилар. Бироқ, илоҳий диннинг музаффарияти бу оилани умр бўйи ҳам йиғиш мумкин бўлмаган сарват-бойлик соҳибига айлантирди.

Язид ўша кундан эътиборан умрини Исломга бағишлади. Ҳазрати Абу Бакр уни қўшин қўмондонлигига тайин этдилар. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан узоқ суҳбат қурмаган бўлса-да, мўьтабар манбаларда унинг қуйидаги ҳадисни нақл қилгани келтирилади: "Намозни ўқиган, лекин рукуъ ва саждаларини яхшилаб қилмаган одам, оч инсон кабидирки, у уч-тўрт дона хурмодан ошиғини еёлмайди, еганининг фойдасини ҳам билмайди".

Ҳазрати Умар Язид ибн Абу Суфённинг вафотини эшитиб, чуқур қайғуга тушдилар. Кейин бир мактуб ёзиб, Язиднинг акаси Муовияга жўнатди. Унда Муовияга акасининг ўрнига Дамашқ волиси бўлишни буюрганди.

Абу Суфён катта ўғлининг ўлимини эшитиб, қаттиқ хафа бўлган бўлса, кичик ўғлининг ҳоким бўлганидан севинди. Шу тариқа умавийлар ҳокимият пиллапояларидан кўтарилиб, ўз мавқеларини мустаҳкамлаб ола бошлади. Ҳолбуки, Расулуллоҳ алайҳиссалом вафотларидан бери ҳошимийлар авлодидан ҳеч кимга давлат мансаби берилмаган эди. Чунки ўша пайтда: "Ҳошимийлар бир марта ҳокимиятни қўлга олсалар, кейин бошқаларга навбат келмайди" деган гап бор эди. Зотан, илгари Расулуллоҳ алайҳиссалом ва исломга қарши тиш-тирноғи билан курашиб келган умавийлар мансаб ва мавқе эгасига айланиб олгандан сўнг эгаллаган ҳокимиятга зулукдек ёпишиб олдилар. Ҳазрати Умарнинг ёмғир сўраб дуо қилганда Аббоснинг ҳурмати учун Аллоҳга ёлворгани ва маош белгилашда унга энг кўпини тайинлашини ҳисобга олмаганда, бошқа барча соҳаларда умавийлар пешқадамлик қилаётган эди. Ўша вақт Ҳазрати Умарнинг салобатлари уларни овоз чиқаришга йўл қўймасди. Бироқ Умарга ҳам дунё абадий манзил эмас. Кун келиб у ҳам ҳижрат сафарига отланди. Ана шундан кейин умавийларга ҳокимият шахсий мулкка айлантириш имконияти пайдо бўлди.

Муовия ҳам берилган имкониятни қўлдан чиқарадиган даражада ношуд эмасди. У ўз мансабида яна қирқ бир йил ҳукмдор бўлиб қолди.


Qayd etilgan


AbdulAziz  23 Fevral 2010, 17:11:54

* * *

Амвос вабоси кучли тўфон каби келиб, йигирма беш минг кишининг ёстиғини қуритди.

Муоз ибн Жабал вафотидан олдин Абу Убайдадан олган ҳокимиятни Амр ибн Осга топширди. Амр эса ҳар доимгидек ўз заковатини ишга солди. У юқумли касал тарқалган ҳудудни тарк этиб, аҳоли ва қўшинни одам яшамайдиган тоғнинг тепасига олиб ўтди. Шу тариқа хавфга тўла макон олисда қолди ва касаллик бировга бошқа юқмади. Бу ўша давр учун энг яхши тадбир эди ва шу тариқа вабонинг олди олинди. Орадан бир неча ҳафта ўтгач, рангпар чеҳраларга қон, заиф таналарга жон кира бошлади. Ҳар ким кундан-кунга тоза ҳаводан симириб, енгиллашаётганини ҳис этарди.

Иш вабонинг кетиши билан битмади. Вабо туфайли боқий дунёга сафар қилган кўпчилик саҳобалар ўзларидан кейин озми-кўпми мол-дунё қолдириб кетгандилар. Энди Макка ва Мадинадаги меросхўр қариндошларини топиб, қолдирилган мол-дунёни уларга етказиш керак эди.

Ҳазрати Умар яна йўлга отланди. Биргина хизматкори билан Дамашққа томон йўлга чиқди. Мадинани Ҳазрати Алига топширди.

Йўлда Ҳазрати Умар уловини хизматкори билан навбатма-навбат миниб келди. Айла деган шаҳарчага яқинлашганда уловни алиштириш пайти келганди. Ҳазрати Умар отидан тушиб, кулининг туясига яқинлашди.

— Қани, тушақол.

— Мўминлар амири, Айлага яқинлашиб қолдик.

— Нима бўпти?

— Туямни миниб олганингизни кўриб қоладилар.

— Аҳамияти йўқ, кўрсалар нима қилибди.

Хизматкорнинг қилган барча илтижолари беҳуда кетди.

Ҳазрати Умар унинг туясига, у эса хожасининг отига миниб йўлда давом этдилар.

Айла аҳолиси халифанинг келаётганини эшитиб, кутиб олишга чиқдилар. Лекин йўлда икки киши келаётганини кўришди. Бири баланд бўйли, қотмадан келган, сочсиз, нигоҳлари ўқдек эди. У отга миниб олган, тагида терс ёзилган теридан бўлак ҳеч вақо йўқ эди. Ҳамроҳи эса отлиқ эди. Эгар ўрнига тўшалган намат шеригиникидан фарқ қилмас эди.

— Қаерга кетяпсизлар?

— Шом тарафларга.

— Амирул мўмин келяпти деб эшитдик?

— Тўғри айтишибди.

— Қани?

— Олдингизда.

Ҳазрати Умар бу гапи билан: "Мана у қаршингизда турибди, ҳозир у билан гаплашиб турибсиз", демоқчи эди. Улар эса гапнинг фаҳмига бормасдан "бир оз юрсангиз учратасиз", деб тушундилар.

— Унда сизга оқ йўл, — деб йўлларида давом этишди. Ҳазрати Умар ҳам йўлида давом этди ва йўлда кутишга чиққан одамларга учради. "Амирул мўминин қани", деб сўраганларга олдингидек жавоб берди.

Эгнига ямоқ кийим кийган, жуда оддий улов минган, ҳеч қандай қўриқчисиз келаётган бу одамни тўхтатиб: "Сиз Амирул мўминин бўлсангиз керак", дейиш бировнинг хаёлига ҳам келмас эди. Зеро, бу икки йўловчининг ҳар бир хатти-ҳаракати инсонникига ўхшар, ҳар иккисида "амирул мўминин шу бўлса керак" дейишга сабаб топилмас эди. Баъзан отлиқдан Амирул мўминин ҳақида сўрашар, қул эса Ҳазрати Умарга ишора қиларди. Лекин одамлар бу қиёфа билан мўминлар амири ўртасида ҳеч қандай боғлиқлик тополмаганларидан, қулнинг  ишорасини "Манави одамдан сўранглар!" деб тушунардилар. Ҳазрати Умар боягидек бир сўз билан жавоб бериб қўя қоларди.

У гап рост эди. Бинобарин, Ҳазрати Умар одамларга ҳазил-мутойиба қилаётгани йўқ эди. Бу бошқаларни овора қилмаслик чораси эди, холос. Бундан Ҳазрати Умар одамларни ўзларидан узоқлаштириш ниятида бўлган деган фикр ҳам чиқмаслиги керак.

Зеро, у киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: "Қул каби ейман, қул каби юраман, қул каби ўтираман" деганларини эшитган ва умр бўйи шунга амал қилишга ҳаракат қилиб келганди. Шуни била туриб ҳашамат ва сарват ичида яшай олмасди.

Айла халқи шаҳарга икки йўловчининг кириб келганини сезгани ҳам йўқ. Зотан, ҳар куни қанча киши шаҳарга кириб-чиқиб кетганидан бу икковининг келиши ҳам диққатни тортмаслиги табиий.

Ҳазрати Умар шаҳар бошлиғини чақириб, ўзини таништирди ва кўйлакларини ечиб берди.

— Йўлда кир бўлиб кетди, озгина йиртилибдиям, шекилли. Илтимос, шуни ювиб берсангиз.

Бошлиқ ҳадя этган бошқа кўйлакни Ҳазрати Умар олмади ва ўзининг кўйлагини кийиб йўлида давом этди. Улар ниҳоят Дамашққа етиб тоғ этагида тўхтаган қўшинга дуч келишди. У ерда Ҳазрати Умар аввал мерос масаласини ҳал қилди, ундан кейин Шураҳбилни вазифасидан озод этиб, ўрнига Муовия ибн Абу Суфённи тайинлади. Бундан Шураҳбил хафа бўлди.

— Мендан жаҳлингиз чиққани учун бўшатяпсизми, мўминлар амири?

— Йўқ, Шураҳбил. Сен мен истаган инсонсан. Мен фақат кучлироқ ва эпчилроқ одамга топширмоқчиман, холос.

— Жуда яхши. Унда буни аскарларга ҳам айтинг. Мен халқ орасида турли гап ва миш-миш тарқалишини истамайман. ("Тарихи Табарий")

Шураҳбил ҳақ эди. Унинг тўсатдан вазифасидан озод қилинганидан хабардор бўлган халқ ҳали буни муҳокама қилар, зарурият юзасидан бўлса керак деб биров айтмасди. Аксинча, одамга ёқмайдиган ва ғашини келтирадиган турли ғийбат гаплар кўпайиши турган гап эди.

Ҳазрати Умар ҳам Шураҳбилни тўғри тушуниб, унинг илтимосини бажо келтирди. Аскарлар олдида Шураҳбилнинг бўшатилишига ундан норози бўлгани учун эмас, балки маҳоратлироқ қўмондон тайинламоқчи эканини ва Шураҳбилдан мамнун эканини айтди.

Шураҳбил ҳам касалга чалинган эди. Кўп ўтмай у ҳам Парвардигори олам ҳузурига йўл олди. Қанийди, Ҳазрати Умар тўрт кун у кишини ишдан олмасдан сабр қилиб турганида, деганда буюк саҳобанинг кўнгли озор чекмай, абадий сафарга хотиржам йўл оларди. Одил раҳбар Шураҳбилни кичикроқ қўшинга қўмондон қилиб тайинламоқчи эди. (Ибн Касир, "Ал-бидоя")

Арабларнинг одатига кўра, бир одам отасининг номи билан аталган бўлса, Шураҳбил онаси Ҳасана номи билан танилган эди. У бир пайтлар имонини сақлаш мақсадида Маккани тарк этиб, Ҳабашистонга ҳижрат қилган инсонларнинг бири эди. Ҳазрати Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан кейин Ҳазрати Абу Бакр уни лашкарбоши этиб тайинлаганди. Шураҳбил Ислом тарихидаги энг муҳим жанглардан бири — Ярмук муҳорабасига имзо чеккан беш нафар қаҳрамон қўмонлардан биридир. Ҳазрати Умар даврида эса Шом фатҳида жонбозлик кўрсатганди.

Йигирма беш минг (бошқа ривоятда ўттиз минг) мўмин ёстиғини қуритган вабо ўз йўлида учраган Абу Убайда, Муоз ибн Жабал, Шураҳбилдек зотларни ҳам аяб ўтирмай, қаро ер бағрига равона қилди.

Энди нариги оламда бир йиғилиш ўтказилиб, унда унутилмас хизматлар қилган Шураҳбилга дейилади: "Сен (Аллоҳ ато этган неъматлардан) рози бўлган (ва Аллоҳ таоло томонидан сенинг амалларингдек) рози бўлишган ҳолда Парвардигоринг ҳузурига) қайт! Бас, (солиҳ) бандаларим қаторига киргин ва менинг жаннатимга киргин!" (Фажр, 28-30).

Бу воқеадан сўнг баъзи ҳарбийлар қўшиндан озод қилинди.

Абу Жаҳлнинг иниси Ҳорис ибн Ҳишом етмиш нафар оила аъзолари билан Маккадан чиқиб кетган эди. Энди эса, хасталик ва жанглардан омон қолган тўрт нафар аъзосигина ортга қайтаётган эди.

 

* * *

 

Ҳазрати Умар Дамашққа шом пайти етиб келганди.

— Билолга буюрсангиз азон айтиб юборсин, — дейишди.

Ҳазрати Умарнинг ўзи ҳам Билолнинг азонини роса соғинганди. Билол Ҳабаший бир неча йиллардан бери фақат тинглаб келаётган азонни айта бошлади:

— Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар!...

Азонни айтар экан, у кўз ўнгида Пайғамбаримиз масжидларини кўриб тургандек эди. Унинг назарида Ҳазрати Расули Акрам руҳлари ташриф буюриб, азонни эшитиб тургандек эди. Кўзлари ёшга тўлди. Азонни эшитиб турганлар унинг йиғлаётганини билиб турардилар. Лекин йиғлаётган фақат Билол эмасди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ва у киши билан яшаган юзлаб инсон муаззин билан кўз ёш тўкарди. Ҳатто Пайғамбаримизни кўрмаганлар ҳам ўзини тута олмадилар. Худди азон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида Мадинада айтилаётгандек.

Азон тугади. Лекин кўз ёшлар тинмади. Афсуски, тўкилган ёшлар ўлганларни ортга қайтаролмайди.

Ҳазрати Умар Дамашқдаги ишларни бир ёқлик қилиб бўлгач, қандоқ аҳволда келган бўлса, хизматкори билан шундай ортга қайтди.

 

Муоз ибн Жабал

 

Вабо улуғ инсонлардан бири Муоз ибн Жабални ҳам олиб кетганди. Муоз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ҳали Маккадалик пайтларидаёқ Ақабада учрашган ва ўша ерда ҳидоятга мушарраф бўлган эди. У қотма, кўркам ва чиройли юзли инсон эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умму Сулаймнинг уйида муҳожирлар ва ансорлар ўртасида дўстлик ришталарини боғлагандилар. Ўшанда кичик жуссали ва нимжон бир муҳожирга қараб: "Ибн Масьуд, шу одам сенинг оғанг бўлади", деб Муоз ибн Жабални кўрсатгандилар. Бу муносабат том маънода дўстликка айланди. Ибн Масъуд ислом аҳкомлари билимдони деган мақомга эришган бўлса, Муоз Қуръонни яхши билиши туфайли Расул алайҳиссаломнинг: Қуръонни тўрт кишидан ўрганинг" деб марҳамат қилган инсонлари қаторидан ўрин олди.

Муоз умри поёнига етганини ҳис қилганди. Чунки вабо ҳар куни кўплаб одамлар ҳаётига зомин бўлиб, кора ерга тиқар эди. Шундай офатдан у четда колиши даргумон эди. Лекин у бу бевафо дунёдан армонсиз кетмоқда эди. Зеро, озгина сабр қилса ўзини: «Муоз, мен сени яхши кўраман» деб айтган Пайғамбаримиз ёнларида кўражак ва дунёда энг севимли кишисига эришажак эди. Муоз етти йил мобайнида ажойиб бир васиятни ҳар доим ёдда тутиб келди. У Яманга отланаркан, эндиги учрашув охиратда бўлишини эслатган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай ўгит бердилар: "Қаерда бўлма, Аллоҳга тақволи бўл, қилган ёмонлигинг кетидан яхшилик қилиб юборгинки, токи, унинг изини йўқотсин. Одамларга хушхулқ бўл!" Муоз бу васиятни қалби ва зеҳнига жо қилиб, унинг нури билан яшади. Чунки эртага Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан учрашувда, васиятга амал қилмагани маълум бўлса, маъзур тутилмасди.

Абу Убайдадан кейин уч-тўрт кун қўшинга қўмондонлик килган Муоз борса келмас сафарга отланган эди. У қайта-қайта шаҳодат калималарини айтиб жон бергандан сўнг, унинг олдида кўз ёши тўкканлар Пайғамбаримиздан соллаллоҳу алайҳи ва саллам, эшитган гапларни такрорладилар: "Уммати Муҳаммаднинг ҳалол ва ҳаромни энг яхши биладиган инсонидан айрилдик".

Муоз тупроққа топширилар экан, мўминлар қалбида ундан қолган хотиралар ғалаён қилди. Одамлар қабр бошидан буюк саҳобага раҳмат тилаб узоқлашдилар. Улар ҳар бир намоздан кейин: "Аллоҳим, сени зикр қилиш, шукр қилиш ва яхши ибодат қилишимда мадад бер" ("Аллоҳумма аъинна ъала зикрик ва шукрик ва хусни ъибадатик"), дуосини ўкиганларида, албатта, Муозни ҳам ёдга оладилар. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу дуони айнан унга тавсия қилгандилар. (Ибн Касир, "Ал-бидоя")

 

Миср

 

Амр ибн Ос исломни қабул қилишдан аввал Мисрга бир неча марта келиб кетганди. У ҳар келганда Арабистоннинг ерларидан фарқли Мисрнинг серунум тупроқларига кўзи тушар экан, келажакда лашкарбоши сифатида шу ўлкани фатҳ этиши хаёлига ҳам келмаганлиги аниқ. Исломга қарши курашган, ҳаттоки Ҳабашистонга ҳижрат қилган мусулмонларни Қурайшга қайтарнш учун турли хийлалар билан Нажоший ҳузурига кирган Амр ўзини тақдири азал шу дин учун хизмат қилишга йўллашини билмас эди. Ниҳоят у ҳам Жаноби Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурида шаҳодат келтириш бахтига муяссар бўлди.

Амр жуда оқил ва иқтидорли инсон эди. У Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида ҳам, ундан кейин ҳам масъулиятли лавозимларга тайинланди. Хусусан, Ҳазрати Умар даврларидаги гуллаб-яшнашни кўриб, ичида нимадир уйғонди. Эрон ва Шомдек буюк давлатларни тиз чўктирган ислом қўшни Мисрни фатҳ этолмайдими? Серунум ерлар ва чексиз бойликлари билан танилган шу юртни забт этиш ўй-фикри унинг тушларида ҳам безовта қила бошлади. Амр бу ҳақда Ҳазрати Умарга гап очиб, вақтни қўлдан бой бермай Мисрни фатҳ этиш таклифини ўртага ташлади. Ҳазрати Умар ҳам унинг фикрига қўшилиб, уни тўрт минг кишилик қўшинга бош қилиб эҳромлар мамлакатига йўллади.

Бу ишнинг жуда хатарли эканини англаган Ҳазрати Умар Амрга: "Мисрга етмасдан ортингга қайт", дейишни унутмади.

Амр йўлга чиқди. У ортидан хат келмасдан аввал Мисрга етиб олиш учун тез ҳаракат кила бошлади.

Бир кун у эсанкираб қолди: Ҳазрати Умар хабарчи жўнатган эди.

— Халифадан мактуб олиб келдим.

Амр ҳам келган одам сайёҳ эмаслигини ўз исмини билгандек биларди.

— Тушунарли. Аввал бир оз дам ол.

Хабарчи мактубни чиқариб бермоқчи бўлганда, Амр муҳим ишлари борлигини айтди ва уни қўмондон ёнидан олиб кетди. Қўшин бир-икки кун йўл юрди. Олдинда Рафаж қалъаси кўринган замон Амр хабарчини ҳузурига чорлади.

— Олиб келган мактубинг қани?

— Сиз уни олишни истамадингиз-ку.

— Ўзинг кўрдинг-ку, муҳим ишларим бор эди. Мактубда "Мисрга кирмаган бўлсанг, изингта қайт" деб битилган эди. Амр ёнидагиларга ўгирилди:

— Биз Миср ерларида турибмиз, — деди.

Энди ортга қайтишнинг иложи йўқ эди. Амр Ҳазрати Умарга вазиятни тушунтириб жавоб хати ёзди ва йўлида давом этди. Аввал Фармо қалъаси куршаб олинди. Бир ойлик қамалдан сўнг қалъа таслим бўлди. Кейин Ислом лашкари ҳозирги Фустат шаҳри жойлашган чўлга етиб келиб Балбис ва Бобилонни қўлга киритди.

Амрнинг муваффақиятли одими Миср қироли Муқовқисда оғирлик уйғотди. У Мисрдаги икки дин арбобини музокара олиб бориш учун мусулмонлар олдига жўнатди. Амир уларга аввал Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бўлган пайтларидаги, кейин бугунги кун ҳақида гапириб берди. Сўнгра Исломнинг бугунги нуфузи ҳақида тўхталди ва агар Исломни қабул қилсалар ўзлари эга бўлган барча ҳуқуқлар уларга берилиши, жизя тўласалар, ҳимояда бўлишларини билдирди.

Гап орасида Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳазрати Ҳожар ва Ҳазрати Мория оналаримиз орқали Миср халқига қариндошлик алоқалари борлиги, шу сабаб Миср халқи билан яхши муомилада бўлишни буюрганликларини айтиб ўтди.

Одамлар:

— Муҳтарам Пайғамбарнинг давом эттириш мумкин бўлган узоқ қариндошлик ришталари, — дейишди.

Амр уларга уч кун мухлат берди. Кейинчалик уларнинг хоҳишига қараб беш кунгача оширди ва ижобий жавоб келмаган тақдирда жанг бошлашини маълум қилди. Бу орада пойтахтдан Зубайр ибн Аввом бошчилигида мадад кучлари ҳам етиб келган эди.

Элчилар бориб, Муқавқисга вазиятни тушунтирди. Қиролнинг жанг қилиш нияти йўқ эди. У: "Барибир византияликларга ҳам солиқ тўлаяпмиз. Ўша солиқни арабларга тўласак нима кипти?" деган фикрда эди. Бошқа кўпчилик аъёнлар ҳам уни қўллаб-қувватладилар: "Эрон ва Византияни тиз чўктирган, бир неча маротаба мағлуб эттан қудратли қўшин билан олишиб нима наф оламиз?".

Фақатгина Қуддусдан қочиб, Мисрдан паноҳ топган Артабунгина жанг қилиб, Амрдан ўч олиш ниятида эди. У бир кечада ҳужум қилиш таклифини ўртага ташлади. Артабуннинг таклифи қабул қилиниб, у қўшинга қўмондон этиб тайинланди. Бироқ унинг режаси саробга айланиб, бу сафар ҳам мағлублик чоҳига улоқтирилди. Бунинг устига у қочиш имконини тополмай жанг майдонида халок бўлди.

Ажал қиличи келганда тадбиркорлик ва ақлли хатти-ҳаракатлар ҳам фойда бермаслиги аниқ. Артабун ичида ёнаётган интиқом ҳислари билан жангга кираркан, ўзининг билими, тажрибаси ва жасоратига ишонган эди. Аммо бошқа одам ҳам шундай фазилатга эга бўлиши, ҳатто ундан ҳам кучлироқ бўлиши мумкин-ку. Модомики, ўлим фариштаси уни муҳораба майдонида кутаётган экан, унинг олдида тиз чўкишдан бошқа иложи йўқ.

Мағлуб қўшиннинг бир қисми асир олинди. Яна бир қисми эса, Айнушшамс номли қалъага яширинди. Амр бошлаган ишини ниҳоясига етказиш мақсадида қалъага юриш қилди. У шу вақтда чодири устига бир қуш уя қурганини кўрди.

— Чодиримни шундай қолдиринглар.

Айнушшамс камал қилинди. Қамал чоғида Зубайр ибн Аввом бир кеча қалъа атрофини айланди ва қулайроқ жой топиб, арқон отди. У тирмашиб девор устига чиқиб олди. Ундан кейин шериклари ҳам шундай қилдилар.

Зубайрнинг жасорати ва қалъа минораларидан баланд овозда айтилган такбир садолари одамларни саросимага солди. Қалъадагилар дарвозани очиб, Амрнинг олдига келдилар ва таслим бўлганликларинн билдирдилар.

Зубайр шериклари билан қалъада айланиб юраркан, Амрга дуч елиб қолди. Қўмондон қалъа сулҳ йўли билан олинганини айтди. Ўртада шартнома тузилди. Бу келишувга кўра одамларнинг жонлари, моллари, динлари ва номусларига дахл қилинмайди, ибодатхона ва хочларига зарар етказилмайди, қалъа аҳолиси эса, жизя тўлайди ва ички-ташқи душмандан мусулмон қўшини мудофаасида бўлади. Келишувга кўра қалъадан чиқиб кетишни истаганлар чиқиб кетиб, борган жойларигача хавфсиз бўлишлари таъминланади.

Шартномага мўминлар номидан Амр имзо чекди. Зубайр ва унинг икки ўғли Абдуллоҳ ва Муҳаммад гувоҳ сифатида қайд этилди.

Диққатга сазовор жойи шундаки, Ҳазрати Умарнинг ўғиллари Абдуллоҳ ҳам шу қўшин таркибида эди. Лекин унга ҳеч қанақа мансаб берилмаганди. Шартнома имзоланаётганда ҳам ҳатто гувоҳ сифатида қатнашиши лозим деб топилмади. У бошқа аскарлар чеккан азобга шерик бўлди, улар еган овқатдан еди, хуллас барча билан баробар кўрилди. Абдуллоҳ ибн Умар дўстлари даврасида бўлганида четдан туриб кузатган одам: "Шу халифанинг ўғли бўлса керак", демас эди. Худди отаси ҳам бошқа мўминлардан ажралиб турмагандек.

Амр энди Искандарияга юриш қилишга қарор қилди ва фурсатни бой бермай, шаҳарни қамал қилди. Муқовқис арбобларини яна бир бор йиғиб, ўтган сафар айтган гапларини такрорлади. Унинг гапига ҳеч ким эътироз билдирмади. Шу заҳоти Амрга элчи жўнатилди.

— Шу кунгача сиздан ҳам ёмон кўрадиганларимга ўлпон тўлаётган эдим. Сизларга жизя бериш уларга ўлпон тўлашдан яхшироқ. Асирларимизни қўйиб юбориш шарти билан Эрон ва Румга тўлаётган ўлпонимизни сизларга беришга розимиз.

Амр ҳам:

— Ортимда маслаҳатлашадиган раҳбарим бор. У билан кенгашмай, бир нарса деёлмайман, — деб Ҳазрати Умарни воқеалар ривожидан бохабар этди.

Ҳазрати Умар шундай жавоб қайтарди: "Доимий олинадиган жизянинг келажак авлодга фойдаси тегади. Қўлингдаги асирларга Ислом динини таклиф эт. Ўз динида қолишини истаганларни қўйиб юбор ва улардан жизя ол".

Амр Мисрда олган асирларнинг бир қисми Мадинада қолдирилган, қолганлари бошқа шаҳарларга юборилган эди. Ҳазрати Умар ўша шаҳарларга хабар юбориб, Амр берган беш кун муддат ичида ҳаммаси озод бўлганларини билдирди.

Мисрда эса халифанинг буйруғини бажариш учун кенг майдонга йиғилишди. Бир тарафга мусулмонлар, қарши тарафга маҳаллий христианлар туришди. Кейин асирлар ўртага бирма-бир таклиф этила бошланди. Асир "Исломни қабул қилдим" деса, мусулмонлар баланд овозда такбир айтиб, уни қучоқлаб олардилар. "Ўз динимда қоламан" деса, насронийлар қичқириб, унга талпинардилар.

Навбат Абу Марям деган асирга келди, У "Исломни қабул қиламан" дейиши билан мусулмонлар одатдагидек баланд овозда такбир айтаркан, буни кутмаган ота-она ва ака-укалари додлаганча унга отилдилар. Ҳар қанча ёлворишмасин, у қарорини ўзгартирмай, Исломда қолди. («Тарихи Табарий»)

Амр келишув ҳақида Мадинани огоҳ этди. Шу тариқа охирги йилларда унинг тушларига ҳам кириб чиқаётган воқелик амалга ошиб, Амр Ислом тарихига "Миср Фотиҳи" сифатида кирди.

 

* * *

 

Бир кун Муқовқисга Рум императори Ҳераклийдан мактуб келди. Император мактубда қандай қилиб бор-йўғи ўн икки минг бўлган арабларга бўйин эгганини таъна қилди. У қиролга Мисрда юз минг румлик яшаётгани, улар билан бирлашиб мусулмонларнинг адабини бериб қўйишини ёки каҳрамонларча ўлишини буюрган эди.

Муқовқис ўн икки йил бурун келган бир элчини хотирлади. Жуда фойдали гапларни гапирган бу инсон (Хотиб ибн Абу Балтаа) бундай деган эди: "Сиз ҳаётни қанчалик севсангиз, биз ҳам ўлимни шунчалик севамиз". Ўша пайтлари фақатгина бир шаҳардан иборат бўлган Ислом давлати, бугун бутун Арабистонни эгаллаб, Эрон ва Византиядек давлатлар қўшинларини курагини ерга теккизган эди. Булар ҳаёл эмасди.

Қирол Румдан келган хат ҳақида Амрга хабар берди. Бу билан у ўзи чеккага чиқиб, мусулмонлар билан румликларни юзма-юз қолдирмоқчи эди.

Амр Муқовқисдан олган маълумотларни таҳлил қилаётган бир пайтда, қирол Мисрдаги Рум қўмондонлари билан учрашиб, келишувни бузолмаслигини, истасалар мусулмонлар билан ўзлари учрашишлари мумкинлигини айтди. Майдондан чиққан Муқовқис натижани кута бошлади.

 

* * *

 

Шомдаги жангларда мағлубият аламини тотиб кўрган ва умидини узган Ҳераклий Мисрни ҳам бой беришни истамасди. Румнинг икки ўқ илдизидек бўлган бу серунум ернинг бири қўлдан кетди, энди бошқасидан ҳам айрилиш мумкин эмасди. У ҳозирлик кўришни, Мисрга юришни буюрди. Қўшин йиғилар экан, Ҳераклий тўсатдан касаликка чалинди. Бу касаллик уни кўп қийнамади. Чунки уни ўлим кугиб турарди. У афсус-надоматлар билан жон берди. Унинг бу надомати шунча ерни бой берганиданми? Ёхуд абадий саодатга эришишга бир қадам қолганда шаҳодат келтириш ўрнига абадий бахтсизликни танлаганиданми? У охиратини барбод қилгани аниқ эди.

Имон келтирганда энг камида у дунёда соҳиби салтанат бўларди. Лекин у бундай имкониятни салтанат ва бойликка бўлган ҳирси туфайли қўлдан чиқарди.

Ҳераклийнинг ўлими туфайли Миср сафари ҳам ниҳоясига етди. Энди Амр Мисрда сон-саноқсиз румликлар билан юзма-юз қолганди.

Мисрдаги румликлар йиғила бошлади. Фустат билан Искандария орасида бўлиб ўтган шиддатли тўқнашувлар Амр ибн Оснинг тадбиркорлиги туфайли мусулмонларнинг мутлоқ ғалабаси билан якунланди. Давомли равишда ортга чекинган румликлар ниҳоят Искандарияга яшириндилар. Шаҳар уч ой қамал қилинди. Лекин барибир таслим бўлди. Шу тариқа бутун бошли Миср тамоман мусулмонлар қўл остига ўтди.

Кейин Нуба шаҳрига юриш қилинди. Қалъа туйнукларига жойлашиб олган мерганларнинг ўқлари туфайли Ислом қўшини бир оз ортга чекинди. Ўша ўқларнинг баъзилари аскарларнинг кўзига тегиб, оқиб тушди. Шу сабаб Нубадаги мерганларга кўз нишондорлари маъносидаги "Руматул хадақ" номи берилди.

Миср фатҳи тугаган бўлсада, амрнинг чодири ҳануз жойида турарди. У чодир ўрнида масжид барпо қилдирди. Кейинчалик масжид марказ қилиниб, атрофига уйлар қурилди. Шу тариқа, дунёнинг энг катта шаҳарларидан бирининг тамал тошлари қўйилди. Бу шаҳарга Фустат (Чодир) номи берилди. Вақ ўтиб, у «Қоҳира» деб атала бошлади. Ҳатто кейинчалик Фустат деган ном фақат тарих китобларида зикр этиладиган бўлди.

Фустат ҳозирги "Эски Қоҳира" номи билан маълум бўлиб, чекка даҳадир. Чодир жойлашган ерда қурилган ва кейинчалик кўп маротаба таъминланган "Амр ибн Оснинг масжиди" ҳозир ҳам Миср фотиҳи номи билан аталади. («Тарихи Табарий»)

Ҳазрати Умар мактуб жўнатиб, соҳил бўйлаб мудофаа деворлари қуришни буюрди. Бу денгиз тарафдан келиши мумкин бўлган хавф-хатар олдини олиш ёки бартараф этиш имконини берар эди. Амр буйруқни бажо этди.

Амр ақл-заковати, иқтидори ва қиличининг қудрати билан қўлга киритган Мисрнинг илк волийи сифатида ўша ерда қолди. Қўшин сафида бўлган Абу Айюб Ансорий, Абу Зарр, Зубайр ибн Аввом, Абдуллоҳ ибн Умар, Абу Дардо каби буюк саҳобалар вазифаларини адо этиб бўлгач, Мадинага қайтдилар.

 

Иёз ибн Ғанам

 

Иккинчи маротаба Ислом давлати таркибига қўшиб олинган Химс шаҳрига янги волий тайинланди. У Иёз ибн Ғанам бўлиб, Абу Убайда уни шу лавозимга кўтарган эди. Ҳазрати Умар бу хабардан унчалик хурсанд бўлмади. Лекин: "Абу Убайда тайинлаган волийларни алиштиролмайман", деб қўйдилар, холос.

Ҳазрати Умар Иёзнинг бошқарувга лаёқати борлигини биларди. Лекин у волийликка тайинланган одам ҳокимиятга кизиқмаслиги керак, деган фикрда эди. Бинобарин, Иёзни бу лавозимдан бўшатиш ҳақида ўйлаб иккиланарди. Ҳазрати Умар Абу Убайдани хафа қилиб қўйишдан чўчиётган эди.

Иёз жуда қаттиққўл ҳоким эди. Бир кун саҳобий Ҳишом ибн Ҳаким Химсга борди. У Химсдаги ўзи кўрган манзарадан юраги увишди: бир қанча одамлар қуёш тиғида ўтирар, устига-устак қуёш тафтини яхшироқ сезадиганларнинг бошларига зайтун мойи тўкиб қўйилган эди.

— Буларнинг гуноҳи нима? — деб сўради Ҳишом.

— Улар жизя тўлашмаган.

Ҳишом тўппа-тўғри Иёзнинг олдига борди. У ҳам саҳобалардан бир эди.

— Бу не қилганинг, Иёз? Сен суннатга мувофиқ иш тутмаяпсан. Мен Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг: "Бу дунёда инсонларга азоб берганлар охиратда азобга дучор бўладилар", деганларини эшитганман.

Кейин Ҳишом Ҳазрати Умарнинг Фаластинда шундай ҳолатга дуч келганини ва имконияти йўқлардан жизя олмаслик ҳақида буйруқ берганларини айтиб, Иёзга одамларни қўйиб юборишни буюрди.

 

* * *

 

— Эй Ҳаттобнинг ўғли, волийларингга берган фармонларинг ва қўйган шартларинг сенга нажот берадими? Ўзингни овутиб юравер. Лекин ҳали бунинг аламини тотадиган кунлар ҳам келади. Волийинг Иёз башанг кийимлар кийсин, одамларни ҳузурига киритмаслик мақсадида соқчилар қўйиб, одамларни куттирсин. Сен эса булардан ғафлатда қолиб юравер...

Бу гаплар Ҳазрати Умарга айтилмаётган эди. Ҳатто буни гапираётган одам сўзини Ҳазрати Умар эшитиб турганидан бехабар эди. У ўзича минғирлаб, ичидаги ғуссаларини чиқариб ташлаётган эди, холос.

— Шу гапларинг ростлигига ишончинг комилми?

Бояги одам қаршисида новча, кўзи жиққа ёшга тўлган кишига тикилди.

— Ҳа, рост. Мен бор гапни гапиряпман. Ўзингиз кимсиз?

— Мен Умар ибн Ҳаттобман.

— Узр...

— Узр сўрашинг шарт эмас. Муҳими ҳозиргина айтган гапларинг.

Ҳазрати Умар дарҳол Муҳаммад ибн Масламани чақиртирди ва Химсга бориб, Иёз ибн Ғанам қандай кийимда бўлса, ўшандай ҳолда ҳузурига келтиришини буюрди.

Узоқ давом этган сафардан сўнг Ибн Маслама манзилга етиб борди. У волийнинг хонасига кирганда, ҳақиқатдан ҳам уни башанг либосда кўрди. Муҳаммад ибн Маслама Иёзга салом бериб, халифа ҳузурига отланишини айтди.

— Шошмай тур. Кийимларимни алмаштириб олай.

— Йўқ, Умар шу кийимда келишингни айтди.

Иёз унинг гапига қулоқ осмай иложи йўқ эди. Йўлга чиқишди.

 

* * *

 

Ҳазрати Умар ҳузурида Иёзнинг либослари ечиб олинди, ўрнига бўздан тикилган уст-бош берилди ва қўлига таёқ тутқазилди.

— Энди қўй боқасан, Иёз. Унинг сутидан ичиб, бошқаларга ҳам ичирасан. Ортганидан бизга ҳам олиб келасан.

Ҳазрати Умарнинг гаплари Иёзга хуш келмади. У: "Бундай қилолмайман, Ҳаттобнинг ўғли. Мен тажрибали қўмондонман. Устига-устак шаҳар ҳокими бўлсам", демоқчи бўлди. Лекин қаршисида турган инсонга юрак ютиб буни сўзлаш учун озмунча жасорат керакмиди?

— Эшитдингми, Иёз?

— Ҳа. Эшитдим, Умар. Мен учун ўлим бундай аҳволга тушишдан афзалроқ эди.

— Эшитдингми, Иёз?

Ҳазрати Умар шу саволни уч маротаба берди ва ҳар гал ўша жавобни олди.

— Бунинг нимаси сенга ёқмади? Отанг чўпон бўлгани учун «Ғанам» деб чақиришмасмиди?

Иёз бу сафар бошини эгиб, жавоб бермади.

— Унда... Чўпонликдан тузукроқ бошқа ишга нима дейсан?

— Нима экан у?

— Мен айтганларимга кўниб, эски вазифангга қайтиш. Агар ўзингни мен истагандек тутиб, мен истагандек кийинсанг, яна волийликка қайтишинг мумкин.

— Розиман.

— Ундай бўлса, шу кийимда ортингга қайт. Бундан буёғига халқни сенинг олдингга киришига йўл бермайдиганларни йўқ қилиб, уларнинг шикоятларини тинглайсан ва ёрдам берасан. Энди бор!

 

* * *

 

Иёз тушига ҳам кирмаган тарзда сабоқ олди. Буёғига у Ҳазрати Умарнинг мақтовларига сазовор ҳоким бўлишни дилига тугди. Лекин унинг умри поёнига етган эди. Унга иккинчи чақириқ келди. Бу гал Оламлар Парвардигоридан. Бу илоҳий ҳукмни ортга суриш мумкин эмасди. Инсоният Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг яна бир юлдузларидан айрилди.

 

* * *

 

Иёз вафот этгач, унинг ўрнига бошқа бировни тайинлаш керак эди. Ҳазрати Умар машварат қилиб, маслаҳат солди. Саид ибн Амр:

— Сиз, мўминлар амирисиз, нима десангиз шу, — деди.

Унинг гапидан хурсанд бўлган Ҳазрати Умар:

— Тур ўрнингдан! Сени Химсга волий этиб тайинлайман. Дарҳол вазифангга кириш.

Саид суяксиз тили билан ўзини қийин аҳволга солиб қўйган эди. У қандайдир мансаб олиш мақсадида гапирмаган эди. Зотан, у дунёга меҳр қўйган ёки мансабга интилган одам эмасди. Лекин у Ҳазрати Умарга эътироз билдиришни ўзига эп билмади. Саид чорасиз ҳолда ўрнидан турди ва йўл тадоригини кўришга тушди. Бир неча кундан сўнг у Мадинани тарк этди.

 

* * *

 

Мисрни фатҳ қилган Амр ҳаётидан мамнун эди. Зеро, у анчадан бери ўзига тинчлик бермаётган бой ўлкани забт этиб, ўша ерда ҳокимлик қилаётган эди.

Амрнинг буйруғи билан отлар мусобақаси ташкил қилинди. Бу мусобақада унинг ўғли ҳам қатнашди. У отининг мусобақада ғолиб чиқишига ишончи комил эди ва буни ич-ичидан истарди.

Ниҳоят ҳакамнинг ишораси билан мусобақа бошланди. Отлар ҳам эгаларининг кўнглидагини уққандек, шиддат билан югура бошлади. Мусобақанинг ҳар бир қатнашчиси ғолибликка эришишни истаётган эди.

Мусобақа тугагач, ҳеч ким танимайдиган бир қишлоқи йигит ўз хурсандчилигини яширолмасди. Чунки у ғолиб эди! У ғолибликка эришганидан ҳаяжонланиб, терга ботиб кетди. Шу пайт... Кутилмаган воқеа юз берди. Мусобақада катнашган Амрнинг ўғли қўлида қамчи билан ғолибга ташланди.

— Мен қатнашган мусобақада сен биринчи бўлишга қандай ҳаддинг сиғди?! Ҳали бу қилиғинг учун жазоингни оласан, — дея унинг гарданига кетма-кет қамчи туширди.

Эрка ўғил уни бир зумда қора қонга белади. Ахир бошқалар каби у ҳам ғолиблик учун курашишга келган эди-да! Ким ҳам мусобақада мағлуб бўлишни ўйлаб қатнашади? Ғолибнинг қувонч ва ҳаяжони бир зумда алам ва оғриққа айланди. Лекин қўлидан ҳеч нарса келмасди. Ахир ҳайҳотдек Миср волийсининг ўғлига жавоб қайтаролмасди-да. Кучи йиғлашга етди, холос. У бир чеккага ўтириб, тўйиб-тўйиб йиғлади.

— Ўрнингдан тур, йигитча. Йиғламоқдан наф йўқ,. Бориб Умари одилга арз қил. У ниҳоятда одил инсон.

Жабрланувчи буни ким айтганини билмади. Аммо ҳеч бир гап-сўзсиз ўрнидан туриб, кўзларини артди ва отига миниб, Мадинага сурди.

Миср билан Мадина ораси анча йўл эди. Лекин йигитнинг юраги шу қадар ёнар, кўнгли шунчалик чўккан эдики, бундан узоқроққа ҳам боришга тайёр эди. Амрнинг ўғли қамчилаб хуморидан чиққан бўлса, бу бечора тўккан кўз ёшлари билан ҳам аламдан қутулолмаган эди. Яна бир ҳақиқат: оддий инсон бундай масофани катта мукофот эвазига ҳам босиб ўтмаган бўларди. Ҳатто беш-ўн қамчи ё шу йўлни босиб ўтишни танлаш берилганида бошқа биров зарба ейишга рози бўларди. Бироғ жабрланувчи ғолиб шу қадар аламзада эдики, дунёнинг нариги чеккасига ҳам боришга тайёр эди.

Дарвоқе, бу ишнинг бошқа жиҳати ҳам бор. Ҳазрати Умар унга: "Сен кимсанки, менга Миср фотиҳининг ўғлидан шикоят қилиб келдинг? Бир-икки қамчи урган бўлса, нима қипти?" дея ўзи ҳам тушириб қолсалар-чи?

Бу фикрлар дамба-дам унинг хаёлини чулғаб олар, шундай пайт қўлларини само узра чўзиб, Аллоҳдан нажот сўрашни ўйларди.

Ниҳоят, хурмо боғларига тўла пойтахт Мадина кўринди. У тўғри Ҳазрати Умарнинг ҳузурига бориб, дардини айтди. Ҳазрати Умар унинг шикоятни эшитиб бўлиб, Амр ибн Осга ўзи ҳам, ўғли ҳам тезда етиб келишини айтиб мактуб ёзди.

— Улар келгунга қадар бизнинг меҳмонимиз бўласан, — деди йигитча.

 

* * *

 

Шу кунларнинг бирида Ҳазрати Умар айб иш қилиб қўйган бир одамни урди. Жони оғриган одам яна жазоланиши мумкинлигини ўйлаб, шундай деди:

— Мўминлар амири, мени уришингиз шартмиди? Ахир инсон хато қилиши мумкин-ку! Унга хато қилганини тушунтириш керак. Қолаверса, айб қилганни кечириш ҳам мумкин. Сиз ҳам менга қилган хатомни тушунтириб, кечириб юборсангиз бўларди-ку!

Ҳазрати Умар унинг гапларини эшитиб, бошини эгди ва бир оз шундай турди. Бу одам ҳақ эди. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай вазиятда дарҳол жазо берардилар. Қизиқ, у зот ҳаёт бўлганларида, бу фикрга қўшилармидилар?

— Сен ҳақсан, дўстим. Сен айтганингдек қилишим керак эди. Мен хато қилдим.

Кейин қўлидаги таёқни узатиб:

— Ҳаққингни ол! — деди.

Ҳазрати Умар ҳазиллашаётгани йўқ эди. Тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган бу хатти-ҳаракатлари билан Ҳазрати Умар ақл бовар қила олмайдиган адолат намунасини кўрсатаётган эди. У киши шуларни айтаркан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: "Кимнинг гарданига урган бўлсам, келиб ҳаққини олсин", деганларини эсалаган бўлса керак. Ҳазрати Умар ўзини бундай тутишидан бояги одамнинг кўзларига ёш келди.

— Йўқ, мўминлар амири, сизни уролмайман. Ҳаққимни ҳалол қилдим.

 

* * *

 

— Ассалому алайкум, мўминлар амири!

— Ваалайкум ассалом, Амр, ке, ўтир.

Миср фотиҳи жойлашиб олгач, Ҳазрати Умар дарҳол мақсадга кўчди:

— Қачондан бери ҳур инсонларни қулга айлантиришни бошладинг?

Амр бундай саволни кутмаган эди. Бу савол нега берилаётганини англамаган бўлса-да, шикоят тушганини ҳис қилди.

— Нима деётганингизга тушунмадим, мўминлар амири. Ҳазрати Умар хизматкорига буюрди:

— Мисрдан келган одамни чақир. Сўнг яна Амрга юзланди:

— От мусобақаси уюштирибсан. Лекин Миср волийи ўғлининг отидан ўзиб кетмаслик шартини қўйиб, бунга бўйсунмаганни қамчилайсан! Буни қаердан ўйлаб топдинг?

Амр ҳаммасига тушунди, бироқ, Ҳазрати Умарни қониқтирадиган жавоб беролмасди. Зеро, ўғли қилган иш, том маънода, жоҳилият одатларига ўхшаб кетарди. Шу пайт шикоятчи хонага кирди.

Ҳазрати Умар Амрнинг ўғлини кўрсатиб:

— Сени қамчилаган шумиди? — деб сўради.

— Ҳа, шу эди.

— Унда қамчини олгин-да, у сени қанча урган бўлса, сен ҳам уни шунча ур!

Бу гапдан Амрнинг баданига совуқ тер тошди. Ҳазрати Умар жиддий эди. Амр: "Ташла, қамчини! Волийнинг ўғлини уриш мумкин эмаслигига фаросатинг етмаяптими?" — деёлмас эди.

— У сени қандай ва қанча урган бўлса, сен ҳам шунча ур! — дея такрорлади Ҳазрати Умар.

Қамчилаш бошланди. Кўз ўнгида ўғли калтакланаётган Амр қора терга ботиб кетди. Ҳар қамчи тушганда, унинг юзлари буришиб кетарди.

Ниҳоят, одам қамчилашдан тўхтади. У мамнун эди. Чунки анчадан бери ичида илондек вишиллаб азоб бераётган, муштлари тугилиб, юз ифодаларининг ўзгаришига сабаб бўлган алам ичидан чиқиб кетган эди.

— Ҳаққингни олдингми, мисрлик?

— Ҳа, олдим!

— У ҳолда кетаверишинг мумкин. («Саодат асри»)

У волийнинг ўғлидан бўлса-да, ҳаққини олиб берган Ҳазрати Умарни дуо қилганча хонани тарк этди. Бу воқеа келажак авлодлар учун ибрат бўлиб қолди.

 

* * *

 

Мадинага келган бир қанча савдогарлар Ҳазрати Умарнинг зиёратига киришди.

— Қаерликсиз?

— Химс шаҳриданмиз.

— Жуда соз. Менга шаҳрингиздаги камбағаллар рўйхатини тузиб беринглар. Уларга моддий ёрдам бермоқчиман.

Тижоратчилар ўзлари таниган камбағал одамларни ёзиб бердилар. Ҳазрати Умар рўйхатни кўздан кечирар экан, бирдан сергак тортди.

— Саид ибн Амир ким?

— Уми? Волийимиз бўлади.

— Волийингиз камбағалми?

— Ҳа. Худо ҳаққи, у фақир инсон. Ҳафталаб уйида олов ёқилмайди.

Бу гапдан Ҳазрати Умарнинг кўзлари ёшга тўлди. Ҳолбуки, бир неча йил аввал Абу Убайда у кишига: "Сен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дўстларини валоят ва закот ишчиси сифатида фойдаланиб, уларни роса овора қиляпсан", деб таъна қилган, Ҳазрати Умар эса: "Мен диним мусаффолиги йўлида диндор кишилардан фойдалансам, бунинг нимаси ёмон? Аллоҳ амрларини амалга қандай татбиқ қиламан?" дея жавоб берган эдилар.

Рост-да, ахир Расулуллоҳ алайҳиссалом шахсан ўзлари уларни волий ва закот масъули қилиб тайинлаганларида овора бўлмаган, энди Ҳазрати Умар тайин қилса, овора бўлишадими? Лекин Абу Убайданинг қуйидаги таклифи ўринли эди:

— Унда, Умар, уларни юқори мансабга тайинлаётганингда кўпроқ маош бериб, пулдан бемалол қилиб қўй, токи улар ноқулай аҳволга тушмасинлар ва хиёнат кўчасига кирмасинлар.

— Ҳавотир олма, Абу Убайда, мансабга тайинлаган одамга етарли даражада ойлик маош тўлаймиз.

Ҳозир Химс ҳокими халқнинг тилига тушадиган даражада камбағаллашиб қолибди. Бу одам қандай яшайди? Унинг бола-чақаси-чи? Улар қачонгача сабр қилишади? Ҳазрати Умар минг динорни санаб, тожирларнинг кўлига тутказди:

— Бу пулларни волийингизга беринг, аҳволини ўнглаб олсин.

 

* * *

 

— Сизга нима бўлди, Саид, жуда ўйчан кўринасиз? Рангингиз ҳам ўзгариб кетибди.

Саид Ҳазрати Умар юборган пуллар ҳақида гап очди. Хотини юзида табассум жилоланди. Саиднинг хотини хурсанд бўлганича бор эди. Ахир шунча кийинчилик ва муаммолар чидаб бўлмас даражага келиб қолган эди. У Ҳазрати Умар ҳақларига дуолар қилиб, энди оғир кунлар ортда қолажагини ўйлаб суюнар эди.

— Пулнинг озгинасига озиқ-овқат олиб келиб, қолганини эртанги кунимизга олиб қўйсак яхши бўларди.

— Мен бу пулни номимиздан иш юритадиган ишончли одамга фойдага бериб қўйсакми, деб ўйлаб турибман.

— Шунақа қилсак ҳам бўлади.

Саид пулнинг бир қисмига озиқ-овқат, иккита туя ва иккита қул сотиб олди. Қуллар туяларда пул ишлаши кўзда тутилган эди. Қолган пулни садақа қилиб тарқатиб юборди. Саиднинг фикрича, пулни "фойдага берадиган ишга сарфлайдиган" Зот Аллоҳ эди. Тарқатган пулини камида ўн баробар миқдорича охиратда олишига ишонарди.

Орадан бир қанча муддат ўтгач, оилада пул керак бўлиб қолди ва Саиднинг хотини:

— Анави одамнинг олдига бориб, шу кунгача тушган фойдани олиб келсангиз.

Саид жавоб бермади. Кунлар ўтиб эҳтиёж кўпайиб, Саиднинг хотини яна ўша гапни қайтарди. Энди Саид уйга кеч келадиган одат чиқарди. Охири бир куни хотинининг олдига ўтириб, пулнинг ҳаммасини садака қилганини айтди. Аёл йиғлаб юборди, зеро ўзлари садақа оладиган аҳволда эди-да. Оиласининг оч қолиши ҳисобига садақа улашишдан нима наф?

Аммо Саиднинг фикри бошқача эди.

— Қара, хотин. Менинг содиқ дўстларим бор эди. Уларнинг ҳаммаси абадий оламга мусофир бўлиб кетишди. Мен ҳам улар сафига улар каби ҳаёт кечириб қўшилмоқчиман. Дунёнинг барча неъматлари ҳам менинг орзуйим олдида ҳеч қандай қийматга эга эмас. Яна шуни билиб қўйгинки, менга осмондан энг гўзал аёл туширилса-ю, унинг чиройи қуёш ва ойни сўндириб, жаҳонга нур таратса ва дунёдаги энг яхши кийимларни кийиб, энг қимматбаҳо зебу зийнатга бурканиб олган эса-да, мен учун сен энг севимли бўлиб қолаверасан.

Саиднинг гаплари хотинини эритиб юборди.

 

* * *

 

Вақт ўтиб Ҳазрати Умар Химсга келди ва Саид ҳақида суриштирди. Одамлар унинг тонг отмагунча уйдан чиқмаслиги, кечалари одамлар билан бирга бўлмаслиги ойда бир кун умуман уйида ўтиришини айтиб, шикоят қилишди. Саид уй ишларига қарашиб, нон ёпишини, кечаларни Парвардигорга бағишлашини, бошқа кийими йўқлиги туфайли ойда бир маротаба уст-бошини ювишини ва қуригунга кадар ташқарига чиқолмаслигини тушунтирди.

Саид волийдан кўра, кўпроқ ўзини ўйлайдиган, оиласи эҳтиёжларини ҳам қондира олмайдиган инсонга ўхшарди. Ҳазрати Умар шахсан ўзлари соатлаб шаҳар айланиб, халқнинг дардини тингласалару, Саид нафл ибодатлар билан вақт ўтказса. Агар у волий сифатида тўғри иш қилаётган бўлса, нега Ҳазрати Умар у каби яшамасди. Аксинча бўлса, нима сабабдан уни бу лавозимдан олиб ташламади? Бир луқма таом ва битта ҳирқа билан яшаш, ўзига тайинланган маошни мискинларга тарқатиш яхши ҳоким бўлишга камлик қиларди. Халққа унинг дардини тинглайдиган ва шароитларни янада яхшилаб берадиган ҳоким керак эди. Нафл ибодатларни одамлар манфаатидан устун қўйган одам қандай қилиб яхши волий бўла оларди? Кимга, қанака фойдаси тегарди? Ўринсиз қилинган шикоят сабаб Саъд ибн Абу Ваққосни ишдан бўшатган, халқ орасида обрўси ошиб кетаётгани учун Холид ибн Валидни қўшиндан четлатаётган Ҳазрати Умарнинг Саидни мансабида қолдириши ва устига-устак: "Сен ҳақингда қилган тахминларимни тўғри чиқарган Аллоҳга ҳамд бўлсин" дейишлари одамни ўйга толдиради. (Тарихи ислом)

 

* * *

 

Саид машҳур кофир Уқба ибн Абу Муойтнинг синглиси Арванинг ўғли эди. Ҳудайбия шартномасидан аввал мусулмон бўлиб, Хайбар ва ундан кейинги барча ғазотларда қатнашган эди. Бир ривоятга кўра ҳижрий йигирманчи йилда қирқ бир ёшида вафот этган.

 

Ҳарратул Лайло

 

"Ҳарра" иссиқ, қайнок, деган маънони билдиради. Араблар нима билан исинсалар, ўша ерга "Ҳарра" номини беради. Мадина яқинидаги Ҳарратул Лайло ҳам шундай жойлардан биридир.

Ҳижрий 19-йили эди. Бир куни шу ерда кимнингдир чақмактош чақиши биланми, қуёшнинг тиғи биланми, ўт чиқиб кетиб, атрофга олов ўрлади. Ёнғинни кўрган одам даҳшатга тушарди. Чунки ёнадиган нарсанинг ўзи йўқ эди. Фақат тош, қум ёнар, олов катталашгандан каттариб, сувга ўхшаб оқа бошлади.

Умрида бундай ёнғинни кўрмаган ва ҳатто эшитмаган одамлар қўрқиб, Ҳазрати Умарнинг олдига югуриб келишди ва кўрган нарсаларини гапириб беришди.

Ҳазрати Умар дастлаб ҳамма мадиналикларни тўплаб, ёнғин бўлаётган жойга боришни ўйлади. Лекин бунинг фойдаси йўқ, эди. Ўша давр шароитидан келиб чиқадиган бўлсак, бундай ёнғинни ўчиришнинг имкони йўқ, эди.

— Садақа беринглар ва Аллоҳга илтижо қилинглар!

Бир неча кун давом этган ёнғин борган сари кичрайиб, ўзи ўчди. (Ибн Касир, "Ал-бидоя")

 

* * *

 

Аллоҳ таоло Арабистон заминига ёкилғи заҳираларини яшириб қўйганидан на Ҳазрати Умарнинг на бошқа бировнинг хабари бор эди.

Ўша пайт ер остидан чиқиб келган ёқилғи учқун олиб, бир неча кун ёнган бўлса керак.

 

Қудома ибн Мазъун

 

Қудома ибн Мазъун дастлабки мусулмонлардан бири бўлиб, Расулуллоҳнинг эмикдош укалари Усмон ибн Мазъуннинг инисидир. Ибн Исҳоқ ўз асарларида Қудома эътиқодини ҳимоя қилиш мақсадида Хабашистонга ҳижрат қилганини ривоят қилган.

Тахминимизча Қудома Ҳабашистонда узоқ турмай биринчилардан бўлиб юртига қайтиб келган бўлса керак. Чунки у Бадрда, Ухудда ва бошқа ғазотларнинг барчасида қатнашган.

Қудома Ҳазрати Умарга куёв ҳам бўлади. У Ҳаттобнинг кизи, яъни Ҳазрати Умарнинг сингиллари бўлмиш Сафийяга уйланган, ҳатто ундан қиз фарзанд ҳам кўрган эди.

Саъд ибн Абу Ваққосга тақлидан очиқ денгизга рухсатсиз чиқиб, таҳликали вазиятга тушиб қолган ва шу туфайли Баҳрайн волийлигидан олиб ташланган Алоъ ибн Хадрамийнинг ўрнига Ҳазрати Умар айнан Қудомани тайинлади.

Лекин бир куни Ҳазрати Умар пешоналарини шапатилаб, бошларини чангаллаб қолди. У киши эшитганларининг шунчаки ёлғонлигини суриштирди. Лекин қаршисида турган инсон Ҳазрати Умарга:

— Куёвингиз Қудома шароб ичиб, маст бўлди. Унга жазо беринг, — деб турарди.

— Гапингга гувоҳ, борми, Жоруд?

— Менга Абу Ҳурайрани чақиринг.

Абу Ҳурайра чақириққа биноан Мадинага етиб келди ва Ҳазрати Умарнинг ҳузурига кирди.

— Қудоманинг ичганини кўрдингми?

— Ичаётганини кўрганим йўқ. Лекин мен кўрганимда маст эди.

Дарҳол Қудомани мактуб жўнатилиб, Мадинага чақирилди.

Қудома келганда, Жоруд Ҳазрати Умарнинг ёнида эди.

— Бу одамга Аллоҳ ҳукмини қўлланг.

— Сен даъвогармисан, ё гувоҳ?

— Мен гувоҳман, мўминлар амири!

— Унда сен гувоҳлигингни қилиб бўлдинг.

Жоруд индамай, жойидан кўзғалди. Эртасига келиб, Қудомага жазо берилишини сўради. Ҳазрати Умар унга:

— Назаримда сен гувоҳдан кўра кўпроқ душманга ўхшаб кетяпсан. Ҳозир бор-йўғи бир нафар гувоҳ бор, холос.

— Аллоҳ йўлида жазосини беринг.

Ҳазрати Умарнинг жаҳли чиқди.

— Ё тилингни тиясан, ё мен сенга буни ўзим ўргатаман, — дея қўлидаги таёкқа ишора қилди. Лекин Жоруд чекинишни истамади.

— Эй Умар, қилаётган ишингиз адолатдан эмас. Куёвингиз ичкилик ичиб турса-ю, сиз мени ураман дейсиз. Гапга Абу Ҳурайра қўшилди:

— Мўминлар амири, сиз бизнинг гувоҳлигимизга шубҳа қилаётган бўлсангиз, Валиднинг қизи (Қудоманинг бошқа хотини) ҳам бундан хабардор. Унга хабар жўнатинг, сўраб кўринг-чи.

Ҳазрати Умар яна Баҳрайнга мактуб жўнатарканлар: "Аллоҳ учун ростини айтсин", деб қўшиб қўйишни ҳам унутмадилар. Баҳрайндан келган жавоб гувоҳларни учтага етказди. Ҳазрати Умар куёвларига юзландилар.

— Сенга жазо бераман энди.

Лекин олган жавоблари ўтирганларнинг ҳайратига сабаб бўлди.

— Агар сиз айтганингиздек ичган бўлсам, мени жазолашга ҳаққингиз йўқ,.

— Нега?

— Чунки Аллоҳ таоло: «Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар учун — агар (ҳаром нарсалардан) сақланиб, иймон ва яхши амалларида собит бўлсалар, сўнгра ўзларини сақлаб (у нарсаларнинг ҳаромлигига) иймон келтирсалар, сўнгра Аллоҳдан қўрқиб, чиройли амаллар қилсалар — (илгари) еб-ичган нарсаларида гуноҳ, йўқдир. Аллоҳ чиройли амал қилгувчиларни севади» ("Моида, 93") деган. Мен эса Аллоҳдан тақво қиламан.

— Оятни нотўғри шарҳладинг. Чунки ҳақиқатдан ҳам Аллоҳдан қўрққанингда эди, у ман қилган шаробни ичмаган бўлардинг.

Кейин воқеани кузатиб турганларга мурожаат қилдилар:

— Сизлар нима дейсизлар, Қудомага жазо тайинлаймизми?

Йиғилганлар:

— Жазо бериш керак. Лекин ҳозир унинг тоби йўқ. Хасталиги озгина чекингунча кутиб туриш дуруст бўлса керак, — дейишди.

Бу жавоб Ҳазрати Умарга маъқул келди. Беш-ўн кундан кейин у киши яна ўша саволни ўртага ташладилар. Лекин яна ўша сабаб рўкач қилинди. Ҳазрати Умар бунга унамадилар:

— Қудоманинг қамчи еб Аллоҳга сафар қилиши Умарнинг бу ишни қилмай жон беришидан яхширок,. Менга таёқ келтиринг!

Шу тариқа Қудома халқиинг кўз ўнгида саксон таёқ еди.

Ҳазрати Умар аввало Қудоманинг ичкилик ичганидан, қолаверса, оятни ўз билганича таъвил қилганидан қаттиқ ранжидилар. Кизиқ тарқоқлик бошланмаяптими? Абу Жандал дўстлари билан ичиб: "Ичимлик ичиш борасида ихтиёр ўзимда", деган эди, энди эса Қудома Аллоҳдан тақво қила туриб, ичкилик ичгани учун жазо бермаслигини айтиб турибди.

Бу каби хатти-ҳаракатнинг Қудома каби илк мусулмонлар тарафидан қилиниши катта кулфат эди. Янги мусулмон бўлиб, ҳали Исломни яхши тушунмайдиганлар шундай қилса, маъзур тутса бўларди.

Ҳазрати Умар вақти келиб, Қудома билан гаплашиб олишни кўнгилларига тугиб, Баҳрайнга Абу Ҳурайрани волий қилиб жўнатдилар.

 

* * *

 

Ўша йили ҳаждан кайтишда Сукя деган жойда дам олишди. Ҳазрати Умар ҳам етиб, бир оз дам олдилар. Уйғониб, тезда Қудомани топиб келишни буюрдилар:

— Тушимда кимдир келиб: "Қудома билан ярашиб ол. У сенинг инингдир, деди", дедилар.

Кетган одам кайтиб келиб:

— Қудома келмаяпти, — деди.

— Бу нима дегани? Судраб олиб келинг!

Ниҳоят, Қудома келди. Ҳазрати Умар унинг кўнглини олиб "Аллоҳ сени афв айласин!" дедилар.

Шу билан куёв-кайноға ўртасидаги совукчилик кўтарилди.

 

Волий Абу Ҳурайра

 

Кунларнинг бирида Ҳазрати Умар томлари тунукадан ёпилаётган, деворлари охаксувоқ қилиб курилаётган уйни кўрдилар. Ўша давр учун бу уй ҳашаматли ҳисобланарди. Ҳазрати Умар уй кимникилигини сўраганларида, одамлар Баҳрайн волийи Абу Ҳурайраники эканини айтишди. Ҳазрати Умар бир муддат ўйлаб туриб: "Динору дирҳамлар буларнинг бурнини кўтариб қўйибди" дедилар.

Зеро, Абу Ҳурайра Мадинадан кетаётган пайтда бундай уй қурдирадиган имкони йўқ эди. Лекин ўша ерда топган пулларига шундай ҳашаматли уй қурдиряпти.

Ҳазрати Умар сўраб-суриштириб, бир минг динорга зотдор от ҳам сотиб олганини аниқладилар. Тезда Баҳрайнга хабар юборилди ва Абу Ҳурайра Мадинага етиб келди.

Ҳазрати Умар мол-мулкининг ярми Байтулмолга олинажагини айтганларида, Абу Ҳурайра эътироз билдирди. Бунисини ортиқча деб билган Ҳазрати Умар қўлларидаги таёқ билан тушириб қолдилар.

— Ўзи бир ёқдан келиб, Баҳрайнга кетган бўлсанг. Одамлар ўзлари олиб келадиган мол-мулклари билан сени бой қилиб қўйсинлар, шунаками?

Абу Ҳурайрага нисбатан "Пора олган" иборасини қўллашдан йироқмиз. У бундай қилиши мумкин эмасди, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: "Пора олган ҳам, берган ҳам жаҳаннамга киради", деганларини у зотлар яхши билишади.

Абу Ҳурайра пора кенг тарқалган жамиятда хотиржамлик йўқолишини, адолат ўртадан кўтарилишини яхши тушунарди. Балки у тажрибасиз волийлиги учун савдо-сотиқ қилаётганда кўпроқ фойда қилиб, имкониятлари кенгайгандир.

Ажаб, у ёкқа волий эмас, Абу Ҳурайра сифатида борганида ўша ҳушсуханлик билан кутиб олиниб, ўша қулайликларга эга бўлармиди? Жамият хусусиятларини яхши биладиган одамлар бу саволга "Ҳа" деб жавоб бермаса керак. Абу Ҳурайра эртага яна Баҳрайнга қайтса, фақат волий сифатида эмас, у муомалалар ўзгарганига гувоҳ бўлиши турган гап эди. Кеча очиқчеҳра, ширин тил билан мурожаат қилган, ҳол-аҳвол сўраб саломига алик олишига илҳақ турганлар бугун уни кўрмасликка олиб кетадилар. Кеча ёнига келиши учун имкон излаганлар бугун нари юриш учун минг баҳона топиб берадилар.


Qayd etilgan


AbdulAziz  23 Fevral 2010, 17:12:07

* * *

Бомдод намозини ўқигандан сўнг Абу Ҳурайра ўтирган жойида Ҳазрати Умарнинг ҳақларига дуо қилди. Уйлай-ўйлай Ҳазрати Умарни ҳақ деб ҳисоблай бошлади. У закот йиғувчи бир одамнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга: "Расулуллоҳ булар закотга берилган моллар, манавиларни эса менга ҳадя қилишди", деганда: "Отангнинг уйида ўтирганингда ҳам буларни сенга келтириб беришармиди?" дея, унга берилган молларни ҳам закотга қўшиб юборган эдилар. Шуларни ўйларкан, Абу Ҳурайранинг елкасига кимдир қўлини қўйди.

— Лавозимингга қайтасанми, Абу Ҳурайра?

— Йўқ, буни истамайман.

— Фақат Юсуф алайҳиссаломгина вазифасини яхшироқ бажарган.

— У киши пайғамбар эдилар. Мен эса бор-йўғи Умайманинг ўғлиман. Бундан буёғига иззат-нафсимга тил теккизишларини, гарданимга қамчи тушишини ва мол-мулкимни мусодара қилинишига йўл қўёлмайман.

Шу тариқа Абу Ҳурайранинг бошқарув сохасидаги фаолияти ниҳоясига етганди.

 

Уч талоқ масаласи

 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан кейин одамларда қандайдир бўшликни ҳис қилган Ҳазрати Умар талоқ масаласида ҳам жиддий ҳаракатлар қилиш кераклигини англадилар. Қуръон ва суннатга кўра, бир оиланинг бутун ажрашиб кетиши учун алоҳида-алоҳида ҳолда уч маротаба талоқ тушиши керак эди. Бунга кўра, ҳомиладор бўлмаган хотинидан ажрашишни истаган эркак бир маротаба талоқ қилади. Шундан кейнн у ўша аёл билан бир-бирига бегона бўлади. Агар яна яшаб кетишса, иккинчи маротаба ҳам талоқ қилиш мумкин. Учинчи марта талоқ қилгандан кейин эр-хотин бутунлаи ажрашишган ҳисобланади.

Уч талоқнинг орасида бунча вақт бўлишининг ҳикмати шундай: "Эр-хотин ажрашади ва ёлғиз яшаш афзалми ёки йўқ?" Буни ҳаётда яшаб кўриб, охирги қарорни шунга қараб чиқариш имконини беришдир.

Лекин Ҳазрати Умар даврларига келиб бу жиддийлик йўқолиб, одамлар бир талоқ ўрнига уч талоқ деб юбораётганларини эшитиб, саҳобаларнинг улуғлари билан маслаҳатлашишга қарор қилдилар. Саҳобалар мажлисида ушбу масала кўриб чиқилди ва қуйидаги фикрда тўхталди: Кимки бир вақтнинг ўзида хотинини уч марта талоқ қилса, бу росмана уч талоққа ўтиб, масала шунга кўра ҳал қилинади.

Шу тариқа бу қарор Ислом оламига кенг тарқалди.

 

Умму Гулсум

 

— Али, қизинг Умму Гулсумни никоҳимга олмоқчиман.

Ҳазрати Али учун бу кутилмаган таклиф бўлади.

— У ҳали анча ёш-ку, мўминлар амири.

Ҳазрати Умар индамадилар. Бу гаплари билан Ҳазрати Али: "Сиз ёшингизга мосига уйлансангиз яхшироқ бўларди", демоқчи эдилар.

Ҳазрати Умар бошқа гапирмадилар. Бу фикрни у кишига Амр ибн Ос берган эди. "Расулуллоҳга қариндошлик муносабатингиз бўларди", деган эди Амр.

Ҳазрати Умарнинг бундай қариндош-уруғчиликка эҳтиёжлари йўқ эди. Зеро, у киши билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ораларида қариндошликдан ҳам юқорирок, ришталар бор эди. Қизлари Ҳафса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи аа салламнинг аёллари эди. қолаверса, Ҳазрати Умар инсон охиратда насаб эмас, иймон ва ихлос билан қилинган амал салим қалб билан азиз бўлишни яхши биларди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қариндош бўлиш истагида Ҳазрати Алининг кизларига оғиз солганларини билганлар: "Али сизга рад жавоби берибди", дея бошладилар. Ҳазрати Умар иккинчи маротаба Ҳазрати Алидан қизларини сўрадилар ва яна "Қизим ҳали ёш", деган жавобни олдилар.

— Ундай бўлса, уни олдимга юбор, бир кўрай-чи, — дедилар амирул мўминин.

Бир оздан кейин Умму Гулсум ҳирқа кўтариб Ҳазрати Умарнинг ҳузурларига кирди.

— Мўминлар амири шуни сўраганмикан, дедилар, отам?

— Ҳа шу. Отангта салом айт!

Умму Гулсум ортига ўгирилиб кетаркан, Ҳазрати Умар қўлларини унинг кўйлагидан ўзларига тортдилар. Бундай қилишдан мақсад кизнинг бунга муносабати орқали унинг ҳали ёш болами ёки балоғатга етиб қолганми, шуни билиш эди.

Умму Гулсум қайрилди:

— Амирул мўминин эканлигингизга шукр қилинг, акс ҳолда кўзларингизни ўйиб олардим, — деди ва тез-тез юриб чиқиб кетди. Бу билан у ўзига уйланиш учун йўл очиб берганини билмасди.

 

* * *

 

Умму Гулсум Ҳазрати Фотиманинг Ҳасан, Ҳусайн ва Зайнабдан кейинги тўртинчи фарзандлари эди. У Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик чоғларида дунёга келган, лекин суюкли бобосини танимас эди. Унинг бўйи етиб қолгаи эди. Уч-тўрт йил кейин турмуш қурса ҳам кеч бўлмасди, лекин араблар ҳаётида бу каби воқеалар ўша вақтда тез-тез учраб турарди.

Ҳазрати Умар Умму Гулсумдан Зайд ва Руқаййа исмли фарзанд кўрдилар.

 

* * *

 

Бу никоҳдан уч-тўрт йил ўтиб, Ҳазрати Умар шаҳид қилиниб, Умму Гулсум бева қолди.

Ҳазрати Али қизига дедилар:

— Қизим, бундан буён ўзинг бўлажак турмуш ўртоғингни танлашинг мумкин. Истасанг мени вакил қил, сени ўзим узатай. Ёхуд хоҳишингга қараб иш тут.

Умму Гулсум яна ёши катта одамга турмушга чиқиши олдини олиш мақсадида:

— Отажон, мен аёлман. Ҳар қандай аёл орзу қиладиганни мен ҳам орзу қилишга ҳаққим бор, — деб жавоб берди.

Умму Гулсум акалари Ҳасан ва Хусайнларнинг қистовлари билан Авф ибн Жаъфар ибн Абу Толибга турмушга чиқди. ("Тарихи Табарий")

 

Амр ибн Ос

 

Кунларнинг бирида Амрга Мадинадан хат келди. Унда Ҳазрати Умар шундай деб ёзгандилар: "Менга келган хабарларга кўра, сенинг жуда кўп йилки, туя, сурув ва қулларинг бор эмиш. Авваллари бунақа бой эмасдинг. Буларнинг бари қаердан келяпти? Ҳеч нарсани яширмай, менга етказ".

Амр эса куйидаги жавоб хатини жўнатди: "Амирул мўминин яхши биладиларки, мен серсув ва бой ўлкада яшаяпман. Халқ каби зироатчилик ва ҳунармандчилик қилиб, ризқимни топаяпман. Мадинага юборилаётган солиқлар камаймаган, аксинча, ортган. Шуни ҳам айтиб қўяйки, валлоҳи, сизга хиёнат этиш ихтиёри бўлганида, бундай қилинмасди.

 

Нихованд тарафга

 

Нўьмон ибн Муқаррин охирги маротаба Каскарни фатҳ қилиб, ўша ерда муқим қолган эди. Каскар серунум ерли, одамлар бой юрт эди. Бу юртни бошқарган одамнинг ҳам бадавлат бўлиш табиий эди. Зеро, бу ерда қолиб, дунё неъматлари лаззатига ғарқ бўлиш, шоҳона ҳаёт кечириб, ўзидан кейингиларга яхшигина мерос қолдириш мумкин эди.

Лекин Нўъмон қўрқув ичра яшар эди. Е бунақа сарват-бойликка маҳлиё бўлган нафс жиловини тортиши керак. Ёки унинг орқасидан югуриб, адаб чегарасини бузиб ўтиши керак.

Шу кунга қадар қанчадан-қанча инсонларга беҳисоб бойлик берилди. Бироқ уларнинг биронтаси яхши ном қолдира олмади. Бинобарин, улар куч-қувватини ўша бойликни кўпайтиришга сарфлаган, ўз ғурури ва кибрига асир тушиб маҳв бўлган эдилар.

Нўьмон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тарбияларини олган эди. Лекин у ҳам олдинда нималар кутаётганини билмас эди. Яхшиси, вақтида тадбир қилиб, бошига тушмасдан фалокатнинг олдини олиш керак. У кўлига қоғоз-қалам олиб, Ҳазрати Умарга мактуб ёза бошлади: "Мўминлар амири, тасаввур қилингки, ёш ўспирин орзу-ҳавасларга берилган бўлади. Унинг ёнида жозибадор ва дилтортар, сочларини ёйиб олган, хушбўй атир сепиб олган жонон турибди. Каскар билан менинг орамда ҳам шундай муҳит бор. Аллоҳ ризолиги учун мени бу мансабдан озод қилинг ва бошқа қўшинга қўшинг. Вассалому алайкум! ("Тарихи Табарий")

 

* * *

 

Форслар устидан кетма-кет қозонилган ғалабалар мусулмонларга чексиз қувонч бахш этди. Аммо форс халқи, айниқса, бадавлат аҳоли ва ҳокимлар бундан унчалик мамнун эмасди. Фикрларича, мулк ва салтанат қўлдан кетиб улар деярли қулга айланиб қолган эдилар. Бунга чек кўйиб, ўз мамлакатларида яна ўзлари ҳоким бўлишни истардилар. Бир гуруҳ бойлар ва собиқ амалдорлар гапни бир жойга қўйиб, Рай шаҳрига яширинган шоҳ Яздажирд билан учрашдилар. Улар подшоҳга агар у мусулмонларга қарши жанг бошласа, кўллаб-қувватлашларини билдиришди.

Яздажирд бу таклифга рози бўлиб, чор атрофга хабар жўнатди ва Ниховандга тўпланишларини буюрди. Форслар буни мамнуният билан қарши олишди. Шу тариқа улар ҳам қўлдан кетган мулкни қайтариб олиш, ҳам орзиқиб кутилган интиқом онларини нишонлаш мақсадида Нихованд томон отландилар.

Вазиятдан воқиф бўлган Саъд ибн Абу Ваққос вақтни ўтказмай, Ҳазрати Умарга хабар бериб, форсларнинг мақсадини маълум қилдилар.

Айни шу дамда Ҳазрати Умарга Саъд устидан шикоят келиб тушган эди: "Намозни кўнгилдагидек ўқимайди, ўлжа-ғанимат молларини тенг тақсимламайди, раиятга адолат билан муносабатда бўлмайди, қўшин билан бирга юрмайди".

Шикоятчилар бошида Жарроҳ ибн Синон турарди.

Саъд ибн Абу Ваққос устидан намоз масаласида арз бўлиши мумкин эмасди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан йигирма йил бирга бўлган Саъд намозни билмаса, булар қаёқдан билишади?! Қуръонда намоз ўкиш шакли қандай бўлиши айтилмаган. Бинобарин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қандай намоз ўкиганларини фақат ва фақат саҳобалардан ўрганиш мумкин эди.

Ҳазрати Умар уларга:

— Сизларнинг ёмон одам эканингизга далил — бу ишга бурун сукишингиздир. Бунақада бошингиз ҳализамон балолардан чиқмай қолади, — дедилар. Кейин Муҳаммад ибн Масламани Куфага жўнатиш учун чақириб, унга бўлган гапни тушунтирдилар ва суриштириб кўриб, натижасини ўзларига етказишни буюрдилар.

Муҳаммад ибн Маслама Куфага йўл олди. Оғир шароитда бир неча кун узоқ йўл босган Муҳаммад них,оят Куфа масжидига етиб келди. У Саъд ибн Абу Ваққосга учрашмай, жамоат билан гаплашиб олмоқчи бўлди.

— Раҳбарингиз ҳақида нима дея оласизлар?

— У ҳақда фақат яхши гапларни айтишимиз мумкин.

— Ундан хурсандмиз.

— Ўзимизнинг раҳбардан бошқаси керакмас.

Муҳаммад борган барча масжидларда одамлардан шу ва шунга ўхшаш жавобларни олди. Фақат Жарроҳ ибн Синоннинг тарафдорлари сасларини чиқармади. У Бану Абс масжидига борди ва:

— Аллоҳ рози бўлсин, билган ҳақиқатни яширмай айтинглар, — деди.

Усома ибн Қатода ўрнидан туриб, сўз олди:

— Аллоҳ билан қасам ичаманки, биз ҳам гапиришимиз керак, — дея, Саъд ҳақидаги ўша нохуш гапларни гапирди.

— Ундай бўлса, Умарнинг олдига ҳам борасиз.

Ибн Маслама Саъд ибн Абу Ваққос ва унга қарши гапирганларни ёнига олиб, Мадинага йўл олди. Улар Саъд ҳақидаги гапларини Ҳазрати Умарнинг ҳузурларида ҳам такрорладилар.

Ҳазрати Умар Саъдга юзландилар:

— Намозни қандай ўқияпсан?

— Дастлабки икки ракатни узунроқ қолганларини қисқароқ ўкияпман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга иқтидо килиб ўқиган намозни ўзгартирмадим.

Жавобдан маълум бўлдики, шикоят ракатларнинг узун-қисқалиги билан боғлиқ эди.

— Биз ҳам сен ҳақингда шундай ўйлаган эдик. Намозни бошқача ўқишинг мумкин эмас.

Кейин Ҳазрати Умар шикоятчиларга қараб, Саъднинг намози ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламникидан бошқача эмаслигини ва ўзлари ҳам Мадинада шундай намоз ўқишларини айтдилар ва Саъдга юзланиб деди:

— Эҳтиёткорлик лозим бўлмаганида, уларга қандай чора кўрилиши маълум эди.

Бу билан: "Улар билан нима қилишни яхши билардим. Лекин Форсга қарши жанг олдидан уларга жазо бергим келмаяпти", демоқчи эдилар. Ҳолбуки, Набий алайҳиссалом замонларида бундай вазиятларда Ҳазрати Умар жаҳллари чиқиб: "Изн беринг, Расулуллоҳ калласини олай", дердилар. Лекин орадан анча вақт ўгиб, воқеага теранроқ ёндошиши талаб этиларди.

Саъд қаттиқ ранжиган эди. Агар намоз хусусида танбеҳ бериладиган бўлса, фақат амирул мўминингина бундай қилиши мумкин эди. Ёки Ҳазрати Али, Убай ибн Каъб, Усайд ибн Хузайр, Зубайр ибн Аввомлар бу ҳақда гапирсалар, бунга рози эди. Бироқ ўзи эндигина Исломни қабул қилган ва тўғри гапираётганига ўзлари ҳам ишонмайдиган одамлар бунақа масалаларда оғиз очса, кўнгилга оғир ботаркан. Устига-устак, бу одамлар амирга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдек намоз ўқигани учун унинг устидан арз қилаётган эди. Яъни, Саъд тўғри иш қилгани, Аллоҳ ва Расули айтган йўлдан юргани учун танқидга учраётган эди. Ҳозир бундай вазиятларда кўли таёққа етган ва ҳаддидан ошганларга таъзирини бериб кўядиган Ҳазрати Умар ҳам жим эдилар. "Менимча, калтак егингиз келяпти, шекилли", — демадилар. Қодисия фотиҳи шундай деди:

— Мушрикларнинг қонини оқизган менман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фақатгина менга: "Отам ва онам сенга фидо бўлсин", деганлар. Мендан аввал ҳам, кейин ҳам ҳеч кимга бундай демаганлар. Мен Исломни қабул қилган илк беш инсондан бириман. Асад авлодлари мени тўғри намоз ўқимасликда айблаяптилар, овга берилиб, вазифамни бажара олмаётганимни айтяптилар.

Сўнгра Саъд кўлларини кўтарди:

— Аллоҳим, булар менга туҳмат қилиб, одамларнинг кўзига яхши кўринмоқчи бўлсалар, фитна-фасод чиқариб, жанжал чиқаришга ҳаракат килаётган бўлсалар, уларга қайтарилмас бало юбор, — дея дуо қилдилар.

Аввалроқ Куфада турганида ўзига қарши гапирган Усома ибн Қатода ҳақида ҳам:

— Аллоҳим, агар бу киши бу гапни ҳақиқат учун эмас, туҳмат қилиб айтаётган бўлса, кўзларини кўр кил, оиласини парокандаликка гирифтор айлаб, фитналарга дучор эт, — деб дуоибад қилди.

Ривоятларга караганда, Саъд баддуо қилган одамлар, ҳақиқатда ҳам турли балоларга гирифтор бўлганлар.

— Бу ерга келаётганингда ўрнингга кимни қолдирдинг, Саъд?

— Абдуллоҳ ибн Абдуллоҳ ибн Итбонни.

Ҳазрати Умар мактуб ёзиб, Абдуллоҳни волий қилиб тайинлаганларини маълум қилдилар. Шу тариқа Қодисиянинг машҳур қўмондони асоссиз равишда вазифасидан олинди.

 

* * *

 

Золим бир четда қолиб, мазлум жазоланган эди. Ҳолбуки, Саъд ваколатлари кўпайтирилган ҳолда яна ўз лавозимларига қайтарилиши ва туҳматчилар ўз жазосини олиши керак эди. Ҳазрати Умар ҳам тамойиллардан чекиниб, иғвогарлар кўз ўнгида ортга қадам ташладилар. Зеро, Ярмук ғазотидан кейин Ислом тарихида энг буюк ғалабага эришган Саъд ибн Абу Ваққос эса бутун Куфа халқи унинг шаънига илиқ гаплар айтганига қарамай, уч-тўрт нафар иғвогарнинг бемаъни гап-сўзи туфайли номи қорага чиққан эди. Кўпчиликнинг фикри инобатга олинмай қолиб кетди.

 

* * *

 

Ҳазрати Умар Саъднинг масаласини ҳал қилиб бўлиб, эътиборини Форс билан бўладиган жангга каратдилар. Амирул мўминин Хурмузонни чақириб, Форснинг ҳозирги аҳволи ҳақида сўрадилар.

— Ҳозир У ерда бир бош ва икки қанот қолган. Қанотларни эплолсангиз, бир бошнинг ўзи ҳеч нарсага яролмайди. Улар Ниховандда, Бундарнинг ёнида ҳозир.

Ҳазрати Умар Хурмузоннинг фикрига қўшилмадилар.

— Мен бошдан бошламоқчиман. Бош кетса қанотлар ҳам синади.

Халифага келган хабарларга кўра, Форс қўшини Ниховандда тўпланган эди. Шу кунгача бўлиб ўтган жанглардан кейин уларнинг кўллари ва қанотлари синган, бир зарба билан бутунлай маҳв этиш қолган эди, холос.

Ҳазрати Умар жангда қатнашиб, қўшинни шахсан ўзи бошқармоқчи бўлдилар.

Лекин бошқалар бунга унамадилар:

— Аллоҳ хайрингизни берсин, Умар, ишни қўмондонларингизга топширинг. Сизга бирон нарса бўлса, мусулмонлар орасида тартибсизлик вужудга келади, — дейишди.

Бу гапни ҳатто саҳобалар ҳам қўллаб-қувватлашди ва Ҳазрати Умар ҳам шу гапга рози бўлдилар. Ҳазрати Усмон Яман, Сурия, Макка, Мадина, Куфа ва Басрадан қўшин тўплаб, Ниховандга жўнатиш таклифини ўртага ташладилар. Лекин ҳазрати Али бу фикрга кўшилмадилар.

— Ямандан аскар олсак, хабашлар ҳужум қилиб қолиши мумкин. Суриядан ҳам мадад ололмаймиз, румликлар ҳаракатга тушиб қолишади. Менимча, Куфа ва Басрадан қўлига қурол ушлай оладиганларнинг ҳар учтадан иккисини қўшинга жалб килиш керак. Қолганлар болалар ва аёлларни ҳимоя қилади. Шундай қилмасак, қўшин ортида чиқадиган муаммолар бизга муҳорабадан ҳам ёмонроқ ташвиш келтиради. Зеро, биз шу кунга қадар сонимизнинг кўплигига қараб эмас, балки Аллоҳнинг мададига ишониб жанг қилдик.

Ҳазрати Умар унинг таклифини тўғри деб билдилар.

— Хўш, қўмондонликка кимни тавсия киласизлар?

— Буни сиз биздан яхшироқ биласиз.

Ҳазрати Умар бошларини эгиб жим қолдилар. Хаёлларига биринчи бўлиб, Саъд ибн Абу Ваққос келди. Қодисиядан кейин Нихованддаги зафар ҳам унинг обрўсини оширар эди. Лекин яна фикрлашда давом этдилар. Бир неча номлар хаёлларидан ўтди. Бирдан кўз ўнгиларида кисқа, лўнда ва соф туйғулар асирлигида ёзилган мактуб пайдо бўлди. Ҳазрати Умар ўзлари истаган одамни топгандилар. Бу мактуб муаллифи ўзи. Каскар волийлигидан озод қилиб, қўшиндан жой беришини сўраган эди.

— Топдим! Шу ишга лойиқ одамни топдим.

— Ким экан у?

— Нўъмон ибн Муқаррин. Уни лашкарга қўмондон қилиб тайинлаймиз.

— Ҳа. У бунга муносиб. ("Тарихи Табарий")

Ҳазрати Умар дарҳол Каскарга мактуб ёздилар: "Эй Нўъмон, хоҳишингни бажо келтириб, сени волийликдан озод қиламан. Вақтни кетказмай Ниховандга отланаётган қўшинга бош бўлиш учун етиб кел. Жангда сенга бирор кор-ҳол юз берса, ўрнингга Ҳузайфа ибн Йамон қолади. Унга ҳам нимадир бўлса, Жарир ибн Абдуллоҳ Бажалий ўрнини эгаллайди. Муҳим қарорларни қабул қилаётганингда Тулайҳа ибн Хувайлид, Амр ибн Маъдий Кариб ва Амр ибн Сулмо билан кенгаш ўтказ. Уларнинг фикрлари билан ҳисоблаш, тавсияларига қулоқ сол, лекин ўзбошимчалик қилишларига йўл қўйма. Аллоҳдан мадад сўраб: "Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллоҳ", деб йўлга чиқингиз". (Ибн Касир, "Ал-бидоя")

Нўъмон Каскардан келди ва қўшин бошига ўтиб, юришга амр берди. Ўттиз минг кишилик қўшин бир неча кундан кейин Нихованд яқинига етиб келиб, ўша ерда чодир тикди.

Мусулмонлар келганидан хабар топган Бундор элчи жўнатишларини сўради. Элчини ҳайрон қолдириш мақсадида чодири дабдабали тусда безатилди. Тайёргарликлар ниҳоясига етган эди ҳамки, элчининг эшикда кутаётганини хабар қилишди.

Элчи ичкарига кирганда Бундор ҳайратини яшира олмади. Шундай элчи учун бунақа чодир қуриш хайф эди. Кўзларидан чарчоқ аломати ва шошқинлик порлаб турган элчини кузатаркан, Бундор: "Шунча тайёргарлик шу олакўз тиланчигамиди?" деб ўйлади. Йирик қўшин, кучли давлат номидан келган бу одамга кийиш учун тузукроқ кийим топилмаганмикан ёки тахқирлаш мақсадида юборилдимикан? Устига-устак, бу инсон ўзини султон ҳузурида қандай тутишни ҳам билмайди. Худди саҳрода якка ўзи келаётгандек. Унинг бу қилиқларига ҳатто қўриқчилар ҳам чидолмай, туртиб: "Одамга ўхшаб юрсанг-чи", деб танбеҳ берарди. Бироқ, бир кўзли тиланчи сифат бу одам юришини ўзгартирмай, уларга:

— Мен сизнинг таклифингизга биноан келдим. Элчига бундай муомала қилинмайди, — деди.

— Сен элчидан кўра, кўпроқ кўппакка ўхшайсан.

— Қизиқ. Манави тўрда ўтирган одамни қанчалик ҳурмат килсангиз, мен ҳам қавмим орасида камида шунча обрў соҳибиман.

— Турган гап. Сени кўриб қавминг ҳақида тасаввур киляпмиз.

— Буёққа ўтир!

Муғийра ўтиргач, Бундор гап бошлади:

— Сизлар, хайр ва яхшиликдан энг узоқ одамсизлар. Сиздан кўра кўзи очроқ, расво ва беватан халқ, йўқ, дунёда. Аскарларимга устингизга ўқ ёғдиришни буюриб, ўқларимиз жулдур кийимингизга тегиб ифлос бўлишини истамайман. Агар бу ердан туёғингизни шиқиллатсангиз, сизларга тегмаймиз. Кетмасанглар, ҳар бирингизга ўладиган жойларингизни кўрсатиб қўямиз.

Бундорнинг кўпол ва қаттиқ-қуруқ гапларига Муғийра парво ҳам қилмади.

— Сен тўғри гапирдинг, амир. Биз ҳақимизда гапирганларингнинг барчаси бир пайтлар ҳақиқат эди. Аллоҳ бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни юборгунча, ҳолимиз сен айтгандек эди. Лекин биз Аллоҳ ва Расулига иймон келтирдик. У эса бизга бу дунёда ғалабани, у дунёда жаннатни ваъда қилди. У ваъда қилган нарсалари бирма-бир рўёбга чиқяпти. Яна шуни яхши биласанки, биз бу ерга ортимизга кайтиб кетиш учун келмаганмиз. Е бу ерларни қўлга киритамиз, ё шу ерларда жон берамиз.

Бундор ёнидагиларга: "Бу бир кўз рост гапиряпти", деб пичирлади. Сўнг Муғийрага ўгирилди:

— Кетишинг мумкин!

Энди жанг бўлиши аниқ эди. Бундор сал олдинроқ қилган қўрслигидан кейин: "Узр, биз хато қилдик. Жизяни қандай тўлайлик", дея олмасди. Бундай қилгандан кўра, ўлимни афзал биларди. Элчи чақиришдан мақсад мусулмонларга тўғри тушунтириб: "Яхшиликча бу ерлардан кетайлик", деган фикрни пайдо қилиш эди. Лекин энди рақиб билан фақатгина жанг орқали орани очди қилиб олиш мумкин. Келишувга кўра, форслар дарёни кечиб ўтадиган бўлишди. Душман дарёдан кечиб ўтиб бўлгач, аскарлар қочиб кетмаслиги учун қўшин ортидан темир тўсиқлар ўрнатишди. Бу тўсиқлар қочмоқчи бўлганлар учун ўлим дегани эди. Кейин улар етти кишидан бўлиниб олишди — бу ҳам қочишнинг олдини олиш мақсадидаги чора эди. Бундан ташқари, ўртага олинган рақиб аскарларига етти киши баравар ташланиб, уни бирёқлик қилиш кўзда тутилган эди. Форслар аввалги жанглардаги аччиқ тажриба — бу усулнинг самарасизлигидан хулоса чиқармаган эдилар.

Нўъмон, аввал огоҳлантириб қўйганидек, туғни тўрт марта силкиганидан кейин жанг бошланди. Ҳар икки тараф олға отилди. Қиличларнинг жаранг-журунги, отларнинг кишнаши, найзаларнинг тараклаши ва жон аччиғидаги қичқириқлар икки тараф учун ширин жон бозоридек гап эди. Аскарлар рўпарасидаги рақибнинг руҳини синдириш мақсадида баланд ва таҳдидли овоз билан ҳаракат қиларди. Йироқда турганлар учун бу вазият даҳшатли кўринса-да, яқиндагилар учун бундай деб бўлмасди.

Ер қип-қизил лойга айланди. Аллоҳ йўлида курашаётганлар билан душманлари қони тўкилавериб, ер шу тусга кирган эди.

Шомга яқин жанг ҳал қилувчи паллага кирди. Бир жойга тўпланиб қолган форс аскарлари ўзлари истагандек, олға юришга ҳам, қочишга ҳам имкон топа олмай, рақиблари кўлида жон бера бошладилар. Лашкарбоши Нўъмон майин кулимсиради. Бунга унинг ҳаққи бор эди. Чунки душман сафи пораканда бўлган эди. Улар ғалаба қозониш у ёқда турсин, жонларини сақлаб қолиш мақсадида тумтарақай қоча бошладилар. Нўъмон қўлларини юқори кўтариб, Аллоҳга ҳамду сано айтди. Аммо у бирдан ҳаракатсиз қолди. Кўксига қадалган ўқ нафас олишга имкон бермади. У бир-икки ўқчиди. Шу пайт оти сирпаниб, ерга қулади. Нўьмон бир лаҳзада ўзини ерда кўрди. У бошқа туролмаслигини аниқ биларди. Зеро, унинг атрофини мукаррам руҳини олиб кетгани келган гўзал юзли хилқатлар ўраб олган эдилар. Улар илоҳий фармон олиб келишди. Энди унинг жонини жалол ва қодир Парвардигори ҳузурига етказиб, Сарвари олам Пайғамбаримизнинг дастурхонларига қўядилар. Нўъмон: "Шошманг! Мени ишим бор!" деёлмасди.

Жанг майдонида қилич садолари жаранглаб тураркан, унинг сўнгги сўзлари "Ашҳаду алла илаҳа..." калималари бўлди.

Шу тариқа Музайна қабиласидан бўлган мард ўғлон Нихованддаги ғалабанинг шонли курбони бўлиб жон берди. Нўъмон жангга киришаркан, Аллоҳдан шаҳидлик насиб этишини сўраб ёлворган эди.

Музайна қабиласидан келган етти оға-ини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида иймон келтирган эдилар. Макка фатҳида Нўъмон тўрт юз кишилик Музайна қабиласининг туғини кўтариб бориш шарафига муяссар бўлди. Машҳур қодисийя ғалабасининг хушхабарини Мадинага етказган ҳам Нўъмон эди. Энди у нариги дунёдаги дўстларига ҳам зафар муждасини етказиб, "Руҳим жисмимни тарк этаётган пайтда Форс аскари қочишга жой қидираётган эди", дейди.

Укаси Маъқил унинг жасади устини ёпиб қўйиб, туғни қўлига олди. Сўнгра Ҳузайфа ибн Йамонни топиб, туғни унга топширди. Бироқ, Муғийра бунга кўнмади:

— Жим! Жим бўлинг! Ортиқча гап гапирманг! Жанг тугагунга қадар ҳатто дўстлари ҳам унинг шаҳид бўлганини билмасликлари керак. Чунки биров билса, зиёни бўлса борки, асло фойдаси йўқ. Муғийранинг гаплари ҳақ эди. Унга қулоқ солишиб, ҳеч нарса бўлмагандай жангни давом эттиравердилар. Ҳатто биров шубҳаланмаслиги учун Ҳузайфанинг амри билан туғни Нўъмоннинг укаларидан бири кўтариб олди.

... Қаъқаъ қочишга шайланаётган бир кишини кўриб қолиб, дарҳол изига тушди. Бу форс қўшинининг катта қўмондонларидан бири Ферузон эди. Лекин бу сафар унинг омади юришмади. Чунки у асал ортилган эшаклар орасида қолиб кетган эди. Каерга боришини билмаган жониворлар гоҳ у ёкқа, гоҳ бу ёққа югуришар, қўмондоннинг қочиб кетишига ҳалақит қилаётганларини билмасди. Иложсиз қолган Ферузон тепаликка тирмаша бошлади. У оёғидан кимдир ушлаб олмагунча умидини узмаган эди. Оёғидан тутган одам куч билан тортиб, уни ерга қулатди. Ферузон дарҳол қуролига қўл юборди, ваҳоланки, Қаъқаънинг қуроли қўлида эди. Форс қўмондони қаршисида донғи кетган, ўлимга тик карайдиган қаҳрамон турганини билгач, қўрқувдан тиззалари калтираб кетди. Ҳаммаси тамом. Ферузон яна бир неча маротаба нафас олади ва... У бошидан айрилиши учун расм-русумнинг кераги йўқ эди. Ферузон ғалаба умиди билан келган жанг майдонида тирик қолиш имконини ҳам йўқотиб жон берди. Уни тутиб берганлар эса устига асал ортилган эшаклар бўлди. Шу сабаб, мўминлар: "Инна лиллаҳи жунудан минал асал" (Аллоҳнинг асалдан ҳам лашкари бор), дея гапириб юришди. Бу гап ҳатто араблар орасида мақолга айланиб кетди.

Ферузон ўлдирилган жой эса, "санийятул асал" (яъни, асал тепалиги) деган ном олди.

Кўп ўтмай, бу майдонда мурдалар, яраланганлар ва зафар қозонган мўминларгина қолди. Туғ атрофида тўпланган мўмин бош қўмондонни қидириб қолишди. Маъқул ва Сувайд оғаларининг жасадини кўрсатдилар ва туғни Ҳузайфа ибн Йамонга топширдилар.

 

* * *

 

Қўлга киритилган ғаниматнинг бешдан бири Мадинага жўнатилган пайтда Ҳазрати Умар қўл очиб, Аллоҳдан мўминларнинг зафар қозонишини сўраётган эдилар.

 

* * *

 

— Сени Нўъмон юбордими?

Ҳазрати Умарнинг илк саволлари шу бўлганди. Лекин жавобини билар эдилар.

— Нўъмонга Аллоҳнинг раҳматини сўраймиз, амир. У шаҳид бўлди.

Ҳазрати Умарнинг кўзларида ёш милтиллади ва "Инна лилаҳи ва инна илайҳи рожиъун" дея истиржоъ айтдилар.

— Яна кимлар шаҳид бўлди?

— Фалон-фалон одам. Сиз уларни танимайсиз.

— Уларни Аллоҳ танийди, шунинг ўзи етарли. Умарнинг таниши шарт эмас...

Кейин Ҳазрати Умар минбарга кўтарилиб, соқолларини ҳам ҳўл қилган кўзёшлари билан Нўъмон шаҳид бўлганини бошқаларга маълум қилдилар.

Ҳазрати Умар "Нўъмон дўстим..." дея йиғлар эдилар.

 

* * *

 

Ниховандда асир олинганларнинг бешдан бири Мадинага келтирилди. Асир болаларга қараб турган бир одамнинг кўзлари ғилтиллади. Чунки у ҳам ниховандлик эди. У дастлаб румликларга, кейин мусулмонларга асир тушган эди. Ниховандга қилинаётган юриш хабарини эшитиб, бутун эътиборини у ердан келаётган хабарларга қаратган, тунларини бедор, турли хаёллар билан ўтказар эди. Мусулмонларнинг яна ғалаба қозонганларини эшитиб, барчаси тамом бўлганини, асрлар давомида яшаб келган мулк ва салтанатнинг тамал тоши жойидан кўчганини, кдйта тикланмаслигини англаб етди.

Мадинада байрам ҳавоси эди.

Албатта, ғалаба бўлгандан кейин шунга яраша хурсандчилик бўлиши табиий. Лекин бошқа тарафдан қаралганда, зарба еган ўзини ўнглай олмайдиган даражага етганлар унинг миллатдошлари ва ҳамшаҳарлари эди. У тугилган муштлари билан тиззаларини асабий ураркан, тишларини ғижирлатиб: "Ичимга ўт қўйдинг, Умар, ўт қўйдинг", дея минғирларди. Ҳатто, у келтирилган асир болаларнинг бошларини силар экан, бу жумлаларни такрорлашдан чарчамади. Гўё шу билан у қалбида туғён ураётган аламли ҳисларга бархам бермоқчи бўларди. Бу одам Муғийра ибн Шўъбанинг қули Абу Луълуъ эди. (Тарихи Табарий"; Ибн Касир, "Ал-комил")

 

* * *

 

Зафар муждасини келтирган одам Ҳазрати Умардан: "Ўғлим Абдуллоҳ-чи? Унинг аҳволи қалай?" деган саволни эшитмади.

Ҳазрати Умарнинг ўғли Абдуллоҳ бу жангда оддий аскар сифатида қатнашган эди. Ҳафталар ойларга уланар экан, ҳеч ким: "Халифанинг ўғли (шаҳзода Абдуллоҳ) шу ерда", деган фикрни хаёлига ҳам келтирмади. Қизиқ, кейинчалик ҳам халифалар фарзандларини жангга ҳеч қандай мансабсиз юборармиканлар?

 

* * *

 

Куфаликларнинг аксарияти Саъд ибн Абу Ваққос шаънига яхши гаплар айтган бир пайтда уч-тўрт одамнинг қилган туҳматлари Ҳазрати Умарга ёкмади. Давлат чегаралари кенгайиши билан муаммолар ҳам тобора кўпайиб борарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тарбияларини олган оқкўнгил в самимий инсонлар ёнида ғаразли одамлар пайдо бўла бошлаган эди.

Саъддек саҳобага туҳмат тошини отиб, бу одамлар нима кўрдилар? Ҳазрати Умар уларга: "Марҳамат, у ҳолда Куфани ўзингиз бошқара қолинглар!" дермиди.

Зеро, уларнинг йўқотадиган ёки қўлга киритадиган ҳуқуқлари ҳам йўқ эди. Бўлганда Ҳазрати Умар уларга берган бўлардилар. Шу билан бирга, доим ёнларида турадиган таёқлари негадир бу сафар ишга солинмай қолди ва ўша одамлар Мадинадан ниятларига етиб чиқиб кетдилар.

 

* * *

 

Ҳазрати Умар Саъд ибн Абу Ваққосни чақирди. Унинг мол-мулкини ҳисобга олдирди. Мулк Ҳазрати Умарнинг назарида сал ортиқчароқ чиқди. Дарҳол амр қилди ва мол-мулкнинг ярми Байтулмолга ўтказилди.

Саъд қаттиқ ранжиди. Кечагина елкама-елка туриб, ёнида жанг қилиб келган қуролдош дўсти бугун уни айблаб, бунинг устига тасарруфидаги молдан шубҳаланиб, ярмини олиб қўяяпти.

— Қасам ичиб айтаманки, ўзимни зўрға тийиб турибман, Умар, нимаданлигини ўзинг яхши биласан, — деди Саъд.

Буни айтишдан мақсад Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг "Саъднинг дуоибадидан сақланинг", деганларини ёдга солиб, "Мен дуоибад қилсам, аниқ мўлжалга тегади", демоқчи эди.

Ҳазрати Умар:

— Мени дуоибад қилмоқчимисан? — деди.

— Ҳа.

— Ундай бўлса, Саъд, сен ҳам шуни билиб қўй: мен ҳам сени дуоибад қиламан. Ўшанда Раббим қилган дуоимдан қўлимни бўш қайтармаслигини биласан.

Саъд бошқа дуоибад ҳақида гапирмади. Чунки у бир нарсани яхши биларди: бу гапларни гапираётган инсон фақат Амирул мўминингина ўзи эмас, Умар ибн Ҳаттоб ҳам эди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга кеча-кундуз ҳамроҳлик қилган, у билан Ислом қувватли бўлган, "Шайтон сени кўрса, йўлини ўзгартиради", деб улуғланган, "Аллоҳ ҳақиқатни Умарнинг тилига ёпиштириб қўйган", дея олқишланган буюк инсон ҳам эди. Мол-мулкни яна ишлаб топса бўлади, лекин Умарнинг дуоибади билан бошга тушадиган балони осонликча даф қилиб бўлмайди.

 

* * *

 

Саъд ибн Абу Ваққос ўрнига қолдириб келган Абдуллоҳ ибн Итбон ёши ўтиб қолган одам эди. Кўп ўтмай унинг устидан ҳам шикоят қилаверишиб, вазифасидан олишди. Унинг ўрнига Зиёд ибн Ханзала тайинланди. Уям кекса муҳожирлардан эди. Бу лавозимнинг ёши ва табиатига мос эмаслигини тезда тушуниб, ўрнига бошқа одам юборишини сўради. Ҳазрати Умар унинг истеъфосини қабул қилди. Бу сафар Аммор ибн Ёсир волий этиб тайинланди. Абдуллоҳ ибн Масъуд аввалгидек Байтулмол ишларини юритади ва одамларга Қуръондан дарс беради, Усмон ибн Ҳунайф хирож ва жизя билан шуғулланади. Бу учовлонга маош тариқасида кунда бир қўй сўйилиб ярми Амморга, қолган ярми Ибн Масъуд билан Усмонга бериладиган бўлди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳн ва салламнинг "Иймон Амморнинг иликларигача сингиб кетган", деган эътирофларини олган бу инсоннинг тақвоси ва ахлоқига биров шубҳа билдиролмасди. Бироқ Аммор давлат одами эмасди. У волийликка тайинлангандан кейин ҳам ибодатларини олдингидек давом эттирди. Намозини масжидда ўқирди. Лекин волий қилиши керак бўлган вазифа — жамият ишлари билан шуғуллана олмади. Натижада, кўп ўтмай, Ҳазрати Умар Аммор ҳақида шикоятларни тинглашга мажбур бўлди. Бир гуруҳ куфаликлар Мадинага келишди. Улар Амморнинг Куфага нега келганини, вазифаси нимадан иборат эканини билмасликларини айтишди:

— У қобилиятсиз одам. Бир иш қўлидан келмайди, гапини ўтказа олмайди, сиёсатни-ку умуман тушунмайди.

Ҳазрати Умар одам юбориб, Амморни пойтахтга чақиртирди. У одамлари билан йўлга чиқди.

Ниҳоят, у Мадинага етиб келди. Аммор учун ягона йўл бор эди: волийликдан кетиб, олдинги ҳаётига қайтиш. Шу кунгача ўзи истагандек кун кечириб келаётган эди. Аммо гарданига ортилган волийлик ишлари уни беҳузур қилди.

Ҳазрати Умар шикоятчиларга юзланди:

— Амморни лавозимидан оламан. Ўрнига кимни қўйишимни истайсизлар?

— Абу Мусо Ашъарийни.

— Хўп. Истаган одамингизни юбораман.

Ҳазрати Умар Абу Мусога хат ёзиб, Куфага кетишни буюрди.

 

* * *

 

Бу Ҳазрати Умарнинг куфаликлар олдида иккинчи марта чекинишлари эди. Аслида, Амморнинг волий этиб тайинланишининг ўзи хато эди. Чунки унинг ибодатга берилган зоҳид инсон экани маълум эди. Амморни бир неча йилдан бери билардилар, яна ўша билганларидек бўлиб чиқди. Саҳобалар орасида волийликка лойиқ тартиб-интизом ўрната оладиган, керак пайтда Ҳазрати Умарнинг ўзи каби таёқ билан адаб берадиганлари йўқмиди?

Холид ибн Валиддек тутган еридан кесадиган, урган жойидан сас чиқарадиган, қўшинни бир ғалабадан бошқа ғалаба сари етаклайдиган паҳлавонни оддий аскар қилиб қўймай, дошқозондек қайнай бошлаган ва фитналар ўчоғига айланиб бораётган Куфага ҳоким қилиб юборсалар, зарар бўлармиди?

Ҳазрати Умарнинг куфаликларга: "Ўзингиз кимни истайсиз?" дейишлари бу ишни уларнинг ихтиёрига топширгани ва енгилганини билдирмаймиди?

Одам бундан буён: "Кимни хоҳламасак бўшаттирамиз, кимни хоҳласак тайинлатамиз", деб ўйламайдиларми?

Куфаликлар қайтиб кетгандан сўнг Ҳазрати Амморни ҳузурларига чорлади.

— Сени бўшатганимдан ранжидингми?

— Худо ҳаққи, мени волийликка тайинлаганингизда хурсанд бўлмаган эдим, лекин бўшатганингиздан ранжидим.

— Мен волийлик қила оласан деб ўйламаган эдим. Лекин Аллоҳнинг: "Уларни пешво зотларга айлантиришни... истаймиз", деганини хотирлаб, сени тайинлаган эдим. ("Тарихи Табарий")

 

* * *

 

Орадан бир йил ўтди. Бир кун одамлар Абу Мусонинг хизматкори бозорда банан сотаётганини кўриб қолишди. Бу нарса куфаликларга ёқмади. Энди Валид ибн Абдумалик бошлиқ бир гуруҳ куфаликлар Ҳазрати Умарнинг ҳузурига боришди.

— Абу Мусодан кўнглимиз тўлмаяпти.

— Нечук?

— У бозоримизда банан сотиб, савдогарчилик билан шуғулланяпти.

Бу гап Ҳазрати Умарга ёқмади. Волий у ерга савдо-сотиқ қилсин деб юборилмаган эди. Бир пайтлар Ҳазрати Умар Ҳазрати Абу Бакрга: "Сиз бошқарув ишлари билан шуғулланинг. Ўзингиз учун тижорат қила олмайсиз", дея у кишини бозордан қайтарган эди. Абу Мусо етарлича маош олар, ҳеч нарсага муҳтож эмасди.

Ҳазрати Умар уларга: "Хизматкорини бозорга жўнатиши сизлар билан шуғулланишига халақит қиляптими?" деб савол бериб ўтирмади. Балки бизгача шу каби саволлар етиб келмагандир. Маълум бўлгани шуки, ўша воқеа Абу Мусонинг истеъфога чиқишига етарли сабаб бўлди.

Ҳазрати Умар:

— Сизларга тадбиркор, оқил, кези келганда, калтак билан адаб ўргатадиган волий керакми, ёхуд иймони бақувват, бироқ, чумчуққа ҳам озор бермайдиганими? — деди.

Бу билан Ҳазрати Умар, ё ўз ҳурматингни билиб итоатда бўлинглар ё мен сизларни одам қиладиганини жўнатай демоқчи эди.

Меҳмонларнинг боши эгилди. Жавоб беришмади.

Тепаларида тадбиркор ва кучли инсон туриши лозим эди. У керак пайтда ёрдамини аямаса, хизматдан қочмаса, яна... уларнинг бемаъни, бемаврид хатти-ҳаракатларидан кўз юмса...

Лекин ҳеч ким Ҳазрати Умарга буни айта олмади.

Куфаликлар янги волийни билмай ортга қайтишди. Абу Мусо эса мувафаққиятли иш юритгани учун волийликда қолдирилди. У яна Басрада ишини давом эттирадиган бўлди.

 

* * *

 

Ҳазрати Умар Куфа масаласидан чарчаган эди. Буни уддалайдиган одамни ўйлай-ўйлай, охири Жубайр ибн Мутъим номзодига тўхтади. Кейин уни чақириб, мақсадини айтди. Лекин бу ҳақда бировга оғиз очмай туришини уқтирдилар.

Бу икковининг бир чеккада пичирлашиб гаплашиб турганини кўрган бир одам уйга шошилди. У девор ортидан кўчани кўрадиган, ақлли киши эди.

Уйга келиб овқат пиширтирди ва нималар бўлаётганини билолмай гаранг бўлиб турган хотинига:

— Буларни Жубайр ибн Мутьимнинг уйига олиб бор, — деб буюрди.

— Олиб бориб, нима дейин?

— "Куфага кетаётганингизни эшитиб қолдик. Сафарингиз бехатар бўлсин, буларни йўлга олволинг", дейсан.

Аёл қўлидаги тоғорачани керакли манзилга етказиб, эрининг тайинлаганини айтди. Уй эгалари шошиб қолишди. Демак, ростдан ҳам деворнинг кулоғи бор экан-да! Зеро, Жубайр Ҳазрати Умар билан гаплашаётганда бошқа ҳеч ким эшитмагани аниқ эди. Модомики, Ҳазрати Умар буни ҳеч кимга айтмасликни тайинлаб, ҳазиллашмаган, ўзи ҳам бировга оғиз очмаган бўлса, ким қаердан билган бўлиши мумкин? Устига-устак Жубайр уйига ҳозиргина келиб турган бўлса. Хотинига ҳали ҳеч нарса дегани йўқ. Жубайрнинг ҳайратга тушиши аёлнинг назаридан четда қолмади.

... Ҳазрати Умар Жубайр билан гаплашиб олганидан кейин ҳам, кўнгли таскин топмай, масжидга кириб ерга узанди.

Муғийра хотинидан Жубайрнинг ҳолатини эшитиб, масжидга келди. Ҳазрати Умар ухлаб ётган эди. Муғийра у киши уйғонгунча кутиб ўтирди.

— Сизни қийнаётган масала бор, шекилли. Йўқса, бунақа пайт ухламас эдингиз, — деди Муғийра, — бирон гап бўлдими?

Савол вақтида берилган эди.

— Биронта ҳам волийдан кўнгли тўлмаган юз кишининг ишини бир ёқлик қилишдан ҳам муҳимроқ иш бор эканми? Бунинг устига юборган волийларим ҳам улардан хурсанд бўлгани йўқ.

— Янги волийингиз у ерга бориб барчасини тартибга солади. Аллоҳ хайрли килсин, ишингизга ривож берсин.

— Бу билан нима демоқчисан? Қайси волийни айтяпсан?

— Мен Жубайр ибн Мутъим ҳақида гапиряпман. У тайинлангандан кейин масала хал бўлгандир.

Ҳазрати Умар бошини эгди. Шошиб қолганди. Жубайрга қайта-қайта уқтиришига қарамай, оғиз бўшлик қилибди. Воқеалар шу тариқа ривож топса, иш яхшилик билан тугамас эди.

— Уларга тақводор одам юборсам, унга қулоқ осмаяптилар, бўйсунмаяптилар. Қаттиққўл одам жўнатсам, куфаликларни кўлга оламан деб шафқатсизлик қилиб, чегарадан чиқиб кетяпти.

Муғийра нима демоқчилигини қуйидагича ифодалади:

— Агар тақводор, лекин волийликка уқуви йўқроқ одам юборсангиз, унинг фазилати ўзига, ожизлиги сизга ва давлатга зарар келтиради. Фисққа йўл қўйиб бўлса-да, қаттиққўл ва сиёсатга уста одамни юборсангиз, унинг фосиқлиги ўзига, сиёсатдаги қобилиятидан давлат ютади.

Муғийра ҳақ эди. Жубайрнинг юборилишига ҳам ҳожат қолмади. Ахир бир сирни икки соат сақлаш қўлидан келмаган одам, Худо билади, у ерда нима ҳунар кўрсатар экан?

— Гапларинг тўғри, Муғийра. Менимча, сен тадбиркор инсонсан. Дарҳол отлан, сени Куфага волий қилиб жўнатаман. Дарҳол йўлга чиқасан. ("Тарихи Табарий")

Муғийра хайрлашиб, уйига йўл олди. "Умардан тадбиркорроқ инсонни кўрмаганман. У ҳийла ва айёрлик қилмайдиган хулқ соҳиби. Бошқа бировга алдашга йўл қўймайдиган ақли ҳам бор", деган Муғийра Ҳазрати Умарнинг у ёғидан кириб, бу ёғидан чиққан ҳолда, ўз йўлига солиб олган эди. Ҳазрати Умарнинг ҳам: "Мен айёр эмасман, лекин бошқа биров ҳам мени ўз тузоғига илинтиролмайди", деганлари ҳозир тасдиғини топмаган эди.

Эхтимол, Ҳазрати Умар Муғийранинг ҳийласини кейин тушуниб қоларлар. Лекин Куфа шаҳрига муносиб волийлигини ҳисобга олиб, ҳеч нарса демаслар. Куфаликлар шундан кейин Ҳазрати Умарнинг олдига: "Янги волий истаймиз", бошқа дея келишмади.

 

Амир ибн Маъдий Кариб

 

Ҳижрий тўққизинчи йилнинг охирлари, ўнинчи йилнинг бошларида Мадинага Ямандан келган бир гуруҳ одамлар орасида номи тилларда достон бўлган қаҳрамон ҳам бор эди. У Амр ибн Маъдий Кариб эди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида иймон келтирди. Кейин яна ўз қабиласи Забидга қайтди. Амр шу билан бир йил Исломда яшади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан кейин бошланган муртадлик (диндан қайтиш) Амрни ҳам четлаб ўтмади. У Асвад Ахсий деган муттаҳамнинг қилган даъволарига чиппа-чин ишониб, унга эргашди. Асвад каби ахлоқсиз одам пайғамбар бўлолмаслигини англаб етмади ва мусулмонларга қарши қурол кўтарди.

Асвад ўлдирилгандан кейин Амр тавба-тазарруъ қилиб, Исломга қайтди. У ўзидаги имкониятни бой бериб бўлган эди. Энди нима қилган тақдирда ҳам у "саҳоба" деган нисбатдан куруқ қолиб оддий мўминга айланган эди.

Амр гуноҳини ювиш мақсадида Ҳазрати Умарнинг ҳузурига бош уриб борди. Ҳазрати Умар у билан пайғамбарлик даъво қилиб, яна тавба қилган Тулайҳани Форсга юбордилар ва лашкарбоши Саъдга ёзган мактубларида бу икки паҳлавонни "икки минг кишига тенг" деб таърифладилар. Уларга жазо тариқасида фақат оддий аскарлик насиб қиладиган бўлди.

Амр жангларда кўп маротаба жонбозлик кўрсатиб, номи тилларга тушди. У Нихованд жангида яраланиб ерга йиқиларкан, унинг Исломга ва мусулмонлар олдида эсласа арзигулик хизматлари борлигини кўпчилик эътироф этарди.

Амр яхши шоир ҳам эди. Унинг: "Иза лам тастатиъ шайъан, фа даъҳу ва жавизҳу ила ма тастатиъу" (Эплолмайдиган юмушингни қўйиб, қўлингдан келадиганини қил), деган байти мақол каби одамлар орасида кенг тарқалиб кетди. Қудратли Аллоҳнинг мағфирати доимо Амр ва у каби Ислом фидойиларига насиб этажак, иншааллоҳ.

 

Амр ибн Ос билан Муовия

 

Ҳазрати Умар ҳар йилдагидек бу мавсум ҳам волийларни чақириб, ҳаж давомида Маккада бўлишни тайинладилар. Муовия билан Ибн Осни ёнига чақириб, улардан Шом ва Миср ҳақида сўради. Шу пайт икки волий ўртасида ўзига хос «мусобака» бошланди. Иккови ҳам ўзининг қилган ишларини мақтаб, бир-бирларидан айб топа бошлади. Ўзидан кўнгли тўқ бўлган Муовия:

— Сен менинг ютуқларимни яширяпсан, ҳатто уларни қусур санаяпсан. Яхшиси, сен мен ҳақимда билганларингни гапир, мен эса сен ҳақингда билганларимни айтай, — деди у.

Бу таклиф Амрга ёкмади, чунки "ютқазиб қўйиши" мумкин эди. Ундан ташқари, бир ишнинг ҳидини сезган Ҳазрати Умар ўшанинг охирига етмай қўймасди. Шу сабаб Амр суҳбат мавзусини ўзгартиришга уринди. У тўсатдан Муовиянинг юзига мушт туширди.

Мавзу чинда ҳам бошқа тарафга бурилиб, Ҳазрати Умар ҳам вазиятга тўғри баҳо бера олмай қолди. Амрга қараб:

— Худо ҳаққи, сендақа ахмоқона иш қилган одамни кўрмаганман, — деди ва Муовияга юзланди:

— Қани, сен ҳам муш тушириб, ҳақингни ол.

Муовия карахт ҳолатдан кутулиб, ўзига келиб олган эди. У совуққонлик билан:

— Ҳозир Маккадамиз. Отам ҳам шу ерда. У менга ўзи билан бемаслаҳат иш қилмаслимни сўраганди. Рухсат берсангиз, унинг фикрини билай.

Хабар жўнатилиб, Абу Суфён етиб келди. Ҳазрати Умар унинг тагига кўрпача тўшаб орқасига ёстиқ қўйди. "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Бир қавмнинг каттаси олдингизга келса, унга ҳурмат кўрсатинг", деганлар, — деди Ҳазрати Умар.

Абу Суфён бўлган воқеани эшитди.

— Мени арзимаган нарсага чақирибсизлар. Амр Муовиянинг иниси кабидир. Ўғлим номидан унинг гуноҳини кечдим, — деди.

Шу тариқа Амр мақсадига етганди.

 

Убай ибн Каъб

 

Убай ибн Каъб Мадинанинг илк мусулмонларидан бири эди. У Пайғамбаримиз билан Мино тоғи яқинидаги Ақаба деган жойда танишиб, исломни қабул қилган эди. Ўша кундан бошлаб у Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнларидан жой олган, қалби Буюк Қудрат соҳибининг муҳаббатига макон бўлганди. Саҳобалар орасида тан олинган тўрт қорининг бири эди. У ҳаётининг охирги йигирма икки йилини исломга, Қуръон ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга хизмат қилиш билан ўтказганидан бениҳоя бахтиёр эди. Бу унинг юз-кўзида балқиб турарди. Ҳазрати Умар уни "Саййидул муслимин" (мусулмонлар саййиди) дер, халифа бўлганидан кейин:

— Убай, ўқи-чи! Бир эшитайлик, — дерди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг унга "Абулмунзир, сенга илм муборак бўлсин!" деганларини эшитганлар бор эди. Убай саҳобалар орасида фатво бера оладиган саноқли кишилардан бири эди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга котиблик қилиб, хоҳ Қуръон оятлари, хоҳ мактублар бўлсин, ёзиб борарди. Убай ибн Каъб ўрта бўйли, соқолига оқ оралаган инсон эди. У бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга савол билан мурожаат қилган кишини эшитиб турди:

— Ё Расулуллоҳ бизга бир касаллик етса, унга нима дейсиз? Бу туфайли биз савоб ё мукофот оламизми?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

— У гуноҳларингиз учун каффоратдир (гуноҳларни яширади ва йўқ қилади), — дедилар.

Шу дам Убай гапга аралашди:

— Унда... Касаллик енгил бўлса-чи, Расулуллоҳ?

— Тикан кирса ҳам, ҳатто ундан кичикроқ нарса бўлса ҳам, — дедилар.

Убай жавобдан тўла қониқди Бундан кейин дуоларида ҳаётининг сўнгги дамларига қадар оғриқ ва хасталик аримаслигини, лекин ҳаж, умра, жиҳод ва жамоат билан ўқиладиган намоздан чалғитмайдиган даражада бўлишини сўраб Аллоҳга дуо қиладиган бўлди. Унинг бу дуоси ижобат бўлгани шубҳасиз. Чунки дўстлари кўпинча унинг юқори ҳароратли бўлганини айтишган.

 

* * *

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саломатлик ва тансоғликка катта аҳамият берганларини, бошқаларга ҳам шуни тавсия қилганларини Убай билиши керак эди. "Аллоҳим, сендан сиҳат-саломатлик, тинчлик-хотиржамлик ва яхши ахлоқ сўрайман", дердилар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Амакилари Аббос ибн Абдулмуттолиб олдларига дуо сўраб келганларида: "Аллоҳдан офият (балолардан нари бўлиш)ни сўранг", деганлар. Балки Убай бу ҳақда эшитмагандир. Қолаверса, ҳар кимнинг ўзига хос хулқ-атвори ва истаклари борлигини ҳам унутмаслик даркор.


Qayd etilgan


AbdulAziz  23 Fevral 2010, 17:12:54

* * *

Ҳижрий ўн тўққизинчи йили эди. Убайнинг умри охирлаб қолган. Хасталик бу буюк инсоннинг Убай экани, пешқадам саҳобий ва Қуръон олимларидан бирилигига қараб ўтирмади. Убай қуввати кетиб, дармонсизланганда ҳам, жойидан туролмай қолганда ҳам тинч ётмади. Касаллик йиқолмаган, ўрнидан кўзғатолмаган бошқа нарсалар бор эди: бақувват иймон ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан боғлиқлик. Қадри қанчалик заиф бўлмасин, қалби азалий ва адабий муҳаббат билан лиммо-лим эди. Баъзан кўзларидан чиққан ёш ёноқларидан сирғалиб тушарди. Ёнидагилар билардики, бу ёшлар дунёдан надомат билан кетаётганидан эмас... Балки ўша он Убай Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бўлган бир воқеани хотирлагандир...

... Ўшанда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни чақирдилар.

— Убай, Аллоҳ сенга Баййина сурасини ўқиб беришимни буюрди.

— Аллоҳ менинг исмимни тилга олдими, ё Расулуллоҳ?

— Ҳа!

Жавобдан Убай кўз ёшларини тия олмади.

Ширин хотиралар билан безалган, ўн йил давом этган дўстлик тугаганига ҳам мана тўққиз йил бўлибди. Энди яна Унга қовушиш дамлари келди. Унинг сўнгги кунлари шу хаёллар ичра кечди.

Кунларнинг бирида Ҳазрати Умарнинг эшиги тақиллади ва янги хабар келтирилди: "Убай Ҳақ сари йўлга чиқди..."

— Убай ўлган бўлса, бу уммат Қуръонни кимдан ўрганади?!

Бу савол кўпчилик кўнглидан ўтган бўлса керак. Бу кўнгиллар ҳаракатсиз ётган вужуд соҳиби билан боғлиқ ажойиб хотиралардан хурсанд эди. Яхшилик билан ном чиқарган бу инсон вафоти одамларнинг дарё кўзёшлари-ю тўйиб йиғлашларига сабаб бўлди. Унинг пок жасадини олиб кетишар экан, одамларнинг кўзи боғнинг бир бурчагидаги тўнкага тушди. Бу оддий тўнка эмасди. Шунда бундан ўн икки йил аввалги бир воқеа ёдга келди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам саккиз йил мобайнида шу тўнкага суяниб хутба ўқидилар.

Бу тўнка Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан айрилганини ҳис қилганида, бўталоғини йўқотган туядек бўзлаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хутбаларини бўлган эди. Сўнгра Пайғамбаримиз унга муборак қўлларини текказганларида, жим бўлган ва Убай уни уйига олиб кетиб, ёдгорлик сифатида сақлаб юрган эди.

Жанозасини Буюк Форуқ ўкидилар. Убай Бақиъ қабристонига қўйилди. Шу пайтгача унинг бир неча дўстлари етиб келган эди. Яна қолган дўстлари ҳам келишади.

Убай ҳаёти давомида ўқиб юрган Қуръон қабрда ҳам ҳамроҳлик қилишига шубҳа йўқ эди. У кафанлангандан кейин Ҳазрати Умар ўринларидан туриб айтган гапларида оламжаҳон маъно мужассам эди: "Бугун Саййидул муслимийн (мусулмонлар саййиди) оламдан ўтди".

 

Хотиралар

 

Кунларнинг бирида Ҳазрати Умар ҳазин бир овоз эшитиб қолдилар. Бир одам ўгириб олиб: "Парвардигорим, мени оз бўлганлардан қил", дея қайта-қайта дуо қилар эди. Ҳазрати Умар тўхтаб, бир зум ўйланиб қолдилар. Неча йиллар Расули Акрам билан бирга бўлган бўлсаларда у зотдан бу каби дуо эшитмаганди. Қизиқиб дуогўй одамнинг ёнига чўкдилар. У эса самимий ихлос билан дуо қилишда давом этарди.

— Эй банда! Сен ҳозир мен билмаган тарзда дуо қиляпсан. Бунинг устига яхши тушунмадим. Ўзи ким у: "Оз бўлганлар?"

Нотаниш мўмин Ҳазрати Умарга ўгирилдилар:

— Аллоҳ шундай деганини эшитганман: "Унга (Нуҳга) иймон келтирган кишилар жуда оз эди". Яна буюкликда тенги йўқ Тангрим: "Бандаларим орасида шукр қилгувчи (зотлар жуда) оздир" деган. Ожиз банда ҳакикий билим Эгаси Аллоҳ суюкли Расулига "Уларнинг саноқларини энг яхши биладиган зот Парвардигоримдир. Уларни оз киши билади" деб марҳамат қилганлар. Ёки Тенги йўқ Мавлонинг Довудга қилган хитобини эшитмаганмисан? "Фақат иймон келтирган ва яхши амаллар қилган кишиларгина (зулм қилмаслар, аммо) улар жуда оздирлар" (Сод, 24).

У оятларни ўкиб бўлиб, қаршисида танимаган одамига қараб шундай деди: "Бир нарсани ёдингда тут: оз нарсанинг қадри баланд бўлади. Мен ҳам Раббим наздида қадр-қиммати баланд бандалардан бўлишни истайман".

Ҳазрати Умар бу одамдаги нозик ҳислар олдида ҳайрат денгизига чўмдилар ва беихтиёр "Раббим, бу дунёда ҳамма Умардан кўра зеҳнлироқ бўлса керак" дедилар.

 

* * *

 

Ҳазрати Умар бошқа куни яна бир астойдил дуо қилиб ўтирган одамни кўриб қолиб, унинг сўзларига эътибор бердилар: "Парвардигорим, сен бир инсон билан бошқасининг қалби орасига кирасан. Буни муборак Китобингда билдирдинг. Бунга ишондим! Аммо мен гуноҳларим билан менинг орамга киришингни истайманки, токи улар орамизга суқилмасин".

Ҳазрати Умар унинг дуосидан қаттиқ таъсирланиб кетдилар. "Аллоҳ сенга ўз раҳмати билан муомалада бўлсин. Дуоингни қабул қилсин" дедилар ва йўлларида давом этдилар.

 

* * *

 

Кунларнинг бирида хизматкорлари Асламни чақирдилар:

— Отимга қанақа ем беряпсан?

Аслам ҳар кун маълум миқдорда арпа бераётганини айтди. Унинг жавобидан Ҳазрати Умарнинг муборак бошлари эгилиб, ўйлай бошладилар:

— Яхшиси, отни яйловга юборайлик. Ўша ерда қорнини тўйғазади. Унга бераётган арпангни бир мусулмон оилага тортиқ қиламиз. Умар эса кўпроқ пиёда юрса, бир жойи камайиб қолмайди.

 

* * *

 

Ҳазрати Умарнинг ёнларида доимо тўққиз дона идиш турарди. Мабодо муҳтарама оналаримизга ҳадя келиб қолса, ўшаларга солиб жўнатилар эди. Ҳар сафар қизлари ҳазрати Ҳафса онамизнинг идишлари охирида тўлдирилар эди. Тақсим пайти кимгадир етмай қолса ёхуд камроқ насиб килса, ўша одам албатта қизлари Ҳазрати Ҳафса бўлар эди.

Бир гал Ҳазрати Умар келган ғаниматларини тарқатаётган эдилар. Охирида бир кийимлик мато қолди. Мато жуда антиқа ва кўз қамаштирар эди.

— Буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг набиралари Умму Гулсумга бера қолинг, Мўминлар амири, — дейишди.

Емон таклиф бўлмади. Давлат раҳбарининг хотини шундай матодан кўйлак кийса, унга ярашади. Бироқ Ҳазрати Умар бунга унамадилар.

— Бу мато Умму Салитга янаям ярашади. У бир пайтлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга байъат қилганди. Ундан ташқари, Ухуд жангида бизга мешда сув етказиб турган.

Умму Гулсум Ҳазрати Умарнинг хотини бўлмаганида, юқоридаги таклиф, шубҳасиз қабул қилинган бўларди.

 

* * *

 

Ямандан қанчадир кийим-кечак келганди. Ўша пайт Ҳазрати Умарнинг ёнларида бўлган Абдулмалик ибн Умайр кўрганларини шундай ҳикоя қилади:

Зайд ибн Собит ичкарига кириб:

— Муҳаммадлар келишди. Сиздан кийим сўрамоқчи улар. Чақиришингизни кутяптилар, — деди.

— Чақир, киришсин.

Тўрт ўспирин ичкарига кирди. Ҳар бирининг исми Мухаммад эди. Жаъфар ибн Абу Толибнинг ўғли Муҳаммад, Ҳазрати Абу Бакрнинг ўғли Муҳаммад, Талҳанинг ўғли Муҳаммад ва Хатибнинг ўғли Муҳаммад.

Зайд ибн Собит юриб келиб, кийимлардан энг яхшисини танлади ва Хатибнинг ўғли Муҳаммадга берди. Чунки бу ўспириннинг онаси Хатибнинг вафотидан кейин Зайд билан турмуш курган эди. Зайд ўгай ўғлини афзал кўриб, кийимларнинг энг яхшисини берган эди.

Ҳазрати Умар:

— Э, йўқ! Сен ҳозир адолатга зид иш қилдинг, Зайд, — дедилар ва Хатибнинг ўғлига қарадилар:

— Қани, ўғлим, ўша кийимни бу ёққа қўй-чи.

Кийимлар қопга солиниб, яхшилаб аралаштирилди. Ҳазрати Умар Зайдга мурожат қилдилар:

— Ана энди қўл солиб, кийимлардан бирини ол.

Чиққан кийим биринчи одамга берилди. Навбатдагиси ундан кейин турган одамга тақдим қилинди. Бошқаларга ҳам шу тарзда кийим тарқатилди. Абдулмалик ибн Умайр ўша воқеани айтиб тугатаркан, ўшанда, адолат деганлари мана бундай бўлибди деб юборгандим, деганди.

 

* * *

 

Ҳазрати Умар бир хутбаларида қуйидагиларни айтди:

— Биласизларми, кўзи очлик мискинликдир. Кўзи тўқлик ҳақиқий бойликдир. Инсон бир нарсага эришиш орзусидан воз кечса, ўша нарсага муҳтож бўлмайди. Биз фаровон ҳаёт сабр қилиб яшашда эканлигига ишонч ҳосил қилдик.

Ҳазрати Умар кўпинча қўлларини кўтариб, шундай дуо қилардилар:

— Роббим, амалларимни ўзинг суйган амаллардан қил! Фақат Сен учун қилинадиган, Сендан бошқасига аталмайдиган амал соҳиби бўлишимни насиб қил!

 

* * *

 

Волийлардан бирининг олдига одамлар зиёратга келишди. Волий аввал араб бўлган меҳмонларни қабул қилди. Араблар бўлмаганларни улардан кейин қабул қилди.

Иймон ва ислом доирасида бир хил ҳақ-ҳуқуққа эга бўлган бу инсонлар бунақа муомаладан турган гапки хурсанд бўлмадилар.

Воқеа Ҳазрати Умарнинг қулоқларига етиб боргач, қаттиқ ғазабландилар. Ахир шу кунгача исломга даъват қилинган инсонларга: "Исломга кирган тақдирингизда бошқа мўминлар эга бўлган ҳақ-ҳуқуқларга сизларга ҳам берилади. Уларга лозим булган нарса сизларга ҳам мажбурият бўлади", дейилмаганмиди?"

Ҳазрати Умар дарҳол қўлларига қалам олиб мактуб ёздилар. Мўмин биродаримни менсимай, унга паст назар билан карашдек ёмонлик йўқ. Бошқа қусур ва нуқсон қидириб ўтиришнинг ҳожати йўқ бўлса керак".

Бундан буён волий йўл кўйган юқоридаги хато такрорланишига йўл қўймаслиги лозим эди.

 

* * *

 

Утба ибн Фарҳод Озарбойжонга келган кезлари у ерда тайёрланадиган ҳолвани яхши кўриб қолди. У ўша ҳолвадан кўпгина пишириқ буюрди ва туянинг икки тарафига юклаб пойтахтга жўнатди.

Мадинага келгунча орадан бир ярим ойча вақт ўтиб, ҳолва оз-моз урилиб қолган эди. Шунга қарамай Ҳазрати Умарга тақдим этилди. Ҳолва у кишига роса ёқди.

— Карвондаги ҳамма мусулмонлар бундан еб кўрдиларми? — деб сўраб қолдилар дафъатан.

— Йўқ, мўминлар амири, — дейишди.

Буни эшитиб Ҳазрати Умар дарҳол кўлларини лагандан тортдилар:

— У ҳолда олиб кетинг буни. Бунақа ширинликка эҳтиёжимиз йўқ.

Кейин Ҳазрати Умар ўтириб, Озарбойжондаги волий Утбага мактуб ёздилар: "Бошқаларга ўзинг тановул қиладиган нарсани едир. Ўзинг ҳам улар ейдиган таомдан истеъмол қил. Ажамларга ўхшаб, ранг-баранг кийинишга берилма".

 

* * *

 

Ҳазрати Умар Ҳузайфани меҳмондорчиликка чақирди. Дастурхонда уч-тўрт бурда нон ва озгина зайтун бор эди. Буни кўрган Ҳузайфанинг пешонаси тиришди:

— Мени уйимдаги овқатдан қўйдингиз. Хотиним гўшт билан нон тайёрлаб қўйганди. Энди дастурхонингиздаги шу овқатни ейишга мажбурмиз.

Ҳазрати Умар:

— Мен сени фақат таомнинг ўзига чақирдим. Дастурхондаги емиш эса оддий мусулмоннинг кундалик таоми, — деб жавоб бердилар.

 

* * *

 

Ҳазрати Умар бир кун ўғли Абдуллоҳнинг олдига кирдилар. У гўшт еётган экан.

— Нима киляпсан?

— Кўнглим гўшт тусади.

— Кўнглинг нимани тусаса, ўшани еяверасанми? Исрофгар бўлиш учун нафс буюрган ишни қилиш етарли.

Ҳазрати Умарнинг фикрича, инсон фарзанди нафсининг асири бўлмаслиги керак. Аксинча, кези келганда нафсига: "Бас, етар!" дейишни билмоғи даркор. Рухсат берилган бир қанча амал ва ҳалол бўлган бир неча тур таом борки, буларни қилиш ва ейиш истаги туғилганда "Йўқ, бу ишни қилмайман. Бу нарсани емайман" дея олиш лозим. Ҳалол ва мубоҳлардан истаганини қилдирган нафс, бир кун келиб улардан бошқасини ҳам истаб қолади ва қилишга ундайди. Макруҳ ва ҳаромга нисбатан бардошли ва чидамли бўла олиш учун, аввало одам ҳалол ва мубоҳларда ўзини тийиши керак. Кепаксиз ундан қилинган нондан биров сўралмайди. Лекин Ҳазрати Умар шунга ҳам эътибор берадилар. "Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кепакли ундан нон еганларини кўрдим. Шунинг учун менга нон ёпаётганда унини эламанглар".

 

* * *

 

Ҳазрати Умарнинг олдига бир одам келди:

— Қабиламдагилар мени имом қилиб қўйишди. Намозда имомчилик қиляпман. Энди улар масжидда маъруза қилишимни сўраяптилар. Уларнинг бу илтимосини ҳам бажо келтирдим, — деди.

Ҳазрати Умар:

— Имомликни давом эттиравер, аммо маъруза қила кўрма.

Бояги одам кетди. Кейинчалик бир неча бор келиб, одамлар маъруза қилишни талаб қилишаётганини айтди. Ҳазрати Умар ҳам ҳар доим ўша жавобни беравердилар. Охирги марта келганида:

— Қулоқ сол, — дедилар Ҳазрати Умар, маъруза қилиб, яхши гапириб турганингда нафсинг сенга бир нарсалар дейди.

У ўзингни бошқалардан устун қўйишингни сўрайди. Охири сени Худо уриб қўяди. Ана унда Аллоҳ сени ҳисоб-китоб қилади, сен эса нажот топалмагайсан.

 

* * *

 

Ҳазрати Умар ҳар бир ишларини ўлчаб-тартиблаб кўйгандилар. Ейишлари ўлчовли, гапиришлари ўлчовли, инсонларга қиладиган муомалалари ўлчовли. У зот бир куни албатта ҳисоб-китоб қилинажакларига ишонардилар. Ўша билим ва ишонч у кишининг фикр юритишларида ва хатти-ҳаракатларида ўз аксини топганди. Ҳазрати Умар ҳар куни ўзларини тергаб турардилар. У киши одамларга: "Аллоҳ ҳузурида ҳисоб-китоб қилинмасдан бурун ўзингизга ҳисоб беринг", деб, шунчаки чиройли гап айтишни ният қилмаганлар.

Дастурхонга ўтирганларида кўз олдиларига Аллоҳнинг кофир бўлган кимсаларга: "Мана шу ҳаёти дунёнинг ўткинчи лаззатлардан фойдаланиб чорва молларидек еб ичурлар ва дўзах уларнинг жойи бўлур", деган ояти келар ва: "Умар, сен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дўстисан. Шуни учун бу оятдаги кимсалардек бўлма", дер эдилар.

Гапирганларида ҳам жуда диққат қилардилар: бу гапнинг мўминларга фойдаси борми ё зарар қиладими уларга? Агар кўнгиллари чопмаса, бошлаган гапларини шу заҳоти тўхтатиб, охири етказмай қўя қолардилар. Бир куни одамлар Ҳазрати Умарни кўчада сув тўла кўзани кўтариб кетаётганларини кўриб қолишди.

— Қаерга кетяпсиз, мўминлар амири? — деб сўрашди.

— Ҳеч қаерга, — дедилар ва қўшиб қўйдилар: нафсим ҳаддидан ошиб кетибди шекилли. Уни жиловлаб қўяй деб шундай қиляпман, — дедилар Ҳазрати Умар.

 

* * *

 

Искандария фатҳи хушхабарини олиб келаётган Муовия ибн Хадич шаҳарга келганида чошгоҳ вақти охирлаб қолган эди. У масжид олдида уловидан тушди. Шу дам Ҳазрати Умар хонадонларидан чиққан бир жория уни кўриб, ичкаридагиларга мусофир келганини етказди.

Бир оз ўтиб қайтиб чиққан жория Муовияга: "Сизни Амирул мўминин чақиряптилар", деб, уни ичкарига таклиф қилди. Унинг олдига таом ва хурмо қўйишди. Қорнини тўйғазиб олган Муовия Амр ибн Ос уни Искандариядан жўнатганини, мусулмонлар шаҳарни фатҳ қилганларини айтиб берди.

— Нега тўғри олдимга келавермадинг?

— Сиз дам оляпсиз деб ўйлаган эдим.

— Қандай бемаъни фикр! Муовия, мен кундузи ухлайдиган бўлсам, қўл остимдагиларга хизмат қилолмай қоламан. Ҳуқуқларини паймол қилган бўламан. Тунда ухласам, ўзим учун қиладиган ишларим қолиб кетади. Шунча вазифалар турганида мен қандай қилиб шу вақтда ухлай?

Ҳазрати Умар бу билан: "Мен умуман ухламайман", демоқчи эмаслар. Аммо жаннат башорати берилган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўпгина эътирофларига сазовор бўлган адолат шамширининг уйқуси қатъий чегараланган эди. Тўшакка чўзилганларида виждон амрларига мувофиқ иш кўрганларига, раиятнинг дардига дармон бўлиб, кўнгиллари хотиржам тортганига шубҳа йўқ эди. Лекин у зот қилган ишларидан кўра, кўпроқ қилмаганларини ўйлар эдилар. Ўзлари Мадинада эканлар Миср, Сурия, Форсни ўйлар, Фурот қирғоғида йўқолиб қолиши мумкин бўлган бўталоқ тақдирига ҳам ўзларини жавобгар ҳис қилар эдилар.

"Обрўйимга яраша кийинай, шунга мос дастурхон тузай, борган пайтимда халифалигимни эсдан чиқармай, мос равишда кутиб олсинлар", деган фикрни хаёлларига ҳам келтирмасдилар.

"Ҳокимият илкимга тушибди. Энди аввал қорнимни тўйдирай, бола-чақам, қариндош-уруғларим роҳат-фароғатда яшасин. Мендан кейин ҳам халифалик ўзимиздан бўлган одамга қолиши учун вақтида ҳаракат қилиб қолай", деган каби паст ва ахмоқона ўйлар у кишига бегона эди.

 

* * *

 

Ҳазрати Умар олдларига келтирилган ҳеч бир таомдан қусур қидирмасдилар. Баъзан ейдиган нарсалари қуллар ҳам бурун жийитадиган таом бўларди. Бундан хизматкорлари Асламнинг (ёки Йарфа) ҳам жаҳли чиқарди. Ҳазрати Умардек каҳри қаттиқ инсон лоақал бир маротаба қизишиб: "Йўқотинг буни дастурхондан! Ейдиган нарса келтиринг", дейишлари керак эди.

Бир куни Аслам: "Бугун амирул мўмининни гапиришга мажбур киламан", деб, ўшанга яраша иш қилди: кул бўлатуриб, ўзи ҳам хушламайдиган таом — қотган нон ва нордон сут келтириб, Ҳазрати Умарнинг олдларига қўйди. Аслам ҳеч бўлмаса: "Буни ўзингга илинсам ермидинг?" деган гапни эшитишдан умидвор эди. Ҳеч бўлмаганда шундай десинлар... Йўқ, Ҳазрати Умар ҳар доимгидек дастурхондагиларни индамай едилар ва Аллоҳга ҳамду санолар айтдилар. Ўша пайтда Ҳазрати Умарнинг айтган гаплари Асламнинг қулоқларида муҳрланиб қолди: "Оҳ нақадар яхши неъмат! Бугун шуни ҳам тополмаган қанча одамлар бор!"

Ҳазрати Умар ҳид билмасмидилар? Ё тиллари таъм билмай қолганмиди? Аччиқ билан чучукни ажратолмайдиган, ширин билан нордоннинг фарқига бормайдиган инсонмиди ёхуд?

"Ҳа" деб жавоб бериш учун ҳақиқатдан кўз юммоқ лозим. Чунки, рамода — очарчилик йилида ўғилларидан бирининг уйидан гўшт хиди келаётганини билиб жаҳллари чиққан эдп. Ўшанда одамлар очликдан ўлаётган бир пайтда бунақа қилиш яхши эмаслигини айтиб, койиб берган эдилар. Бир сафар олдларига қўйилган овқатга бурунларини жийириб, уйларида мазалироқ овқат ейишлари мумкинлигини айтган меҳмонларига:

— Мени таъм билмайди, деб ўйлаяпсизми? — деб гап бошлаб, сўнг қўй сўйиб, уни қовуриб, дастурхонга келтиргунча қилинадиган ишларни айтиб берган эдилар.

Хуллас, Ҳазрати Умар ҳидни ҳам сезардилар, таъмни ҳам билардилар. Лекин биладиган бошқа нарсалари бор эди. Қоринларини лаззатли овқатлар билан тўйғазиб олсалар, фақирларни унутиб қўйишлари мумкин эди. Балки Аллоҳ наздида юксак мақом соҳиблари шу он очликдан қийналаётган бўлар.

 

* * *

 

Бир жума куни уйларида ушланиб қолиб, масжидга ҳадеганда чиқавермадилар. Жамоат у кишини кутиб қолди. Ниҳоят, эшикда Ҳазрати Умар кўриниб, минбар томон йўналдилар.

— Куттириб қўйганим учун узр! Эгнимдаги либосимни ювган эдим. Қуриши қийин бўлди. Кечикишимнинг сабаби шу.

"Мўминлар амири, бошқа кийим кийсангиз бўларди-ку. Шуни кийиш шартмиди?" дегувчи топилмади. Чунки Ҳазрати Умарнинг бошқа кийими йўқлиги ҳаммага маълум эди.

 

* * *

 

Озарбайжондан келган Утба ибн Фарҳаднинг араблар киймайдиган енги узун кийими бор эди. Уни кўрган Ҳазрати Умарнинг юзларида норозилик аломатлари пайдо бўлди. Чунки сал аввал унга шу ҳақда танбеҳ бериб, араблар киймайдиган кийимдан узокроқ юришни буюрган эдилар. Ҳазрати Умар пичоқ сўрадилар. Утба халифанинг мақсадини англади. Ҳазрати Умарнинг ҳазиллашмаётганлари аниқ эди. Ҳозир пичоқ билан енгларини кесиб, бармоқлари билан баробар қилиб қўядилар. Утба қилмайдиган ишини гапирмайдиган, бироқ, айтганини албатта қиладиган амирул мўмининга аста пичирлади:

— Бу кийимни эгнимдалигида кесманг, мўминлар амири, илтимос. Уяламан. Изн берсангиз, уйга боргач, ўзим кесиб ташлайман.

— Яхши, сен айтганча бўлсин, — дедилар ва пичоқни эгасига қайтариб бердилар.

 

* * *

 

Ҳазрати Умар садақа ва закотдан тушган молларни тарқатган эдилар. Ёнларига бир киши келиб:

— Менгаям беринг. Муҳтожман.

Ҳазрати Умар унга ўгирилдилар:

— Кимсан?

— Абу Шажараман.

Жавобдан Ҳазрати Умарнинг кўзларида учқун порлади, юзларида қаҳр зоҳир бўлди. Кўз олдларига Ислом учун жон фидо қилган инсонлар келди. Бу одам кечагина Исломни қабул қилган, аммо закот беришдан қочибми, ё маҳв этолмаган куфр туйғусининг ундашидами, ишқилиб яна диндан қайтган ва Ҳаққа қарши ботилни қурол қилиб кўтариб чиққан бадбахтлардан бири эди. У яна такрор Исломни қабул қилди, лекин аввал кўрсатган ҳунарлари...

Уни ўлдириб ҳам бўлмасди. Бироқ, ҳозир яхшигина дарс бериб қўйиш имкони туғилган эди.

— Эй Аллоҳнинг душмани, — дедилар Ҳазрати Умар. — Бир пайтлар: "Холиднинг аскарларидан бирининг нимталанган жасадидаги қон билан найзамни ювганман. Умид қиламанки, унинг ўзини ҳам кўраман", деган пасткаш сенмасмисан?!

Абу Шажара ўзини таништирганидан пушаймон бўлди. Ҳазрат Умарнинг қарашларидаги ҳайбат ичини тилка-пора қилиб ташлади. Энди у ташлана олмас, қаҳрамон бўлган кунлари ортда колган эди.

— Мард бўлсанг, чиқ майдонга, эй Умар! — дейдиган ҳоли ҳам йўқ эди.

Абу Шажара сония ичида бўлиб ўтган ишларни хаёлидан ўтказаркан, Ҳазрати Умар:

— Қанчадан-қанча мусулмон дўстларимни ўлдириб, қўшиқ хиргойи қилганларингни эсла! — дедилар. Сўнг у зотнинг қўллари таёққа чўзилди. Абу Шажара гарданига тўсатдан тушган таёқ зарбидан ўзини йўқотиб кўйди. Дастлабки зарбанинг ортидан иккинчи ва учинчиси ҳам тушди.

— Мана сенга! Мана! Сен шунга лойиқсан! Кетма-кет тушаётган зарбалар остида ётиб қолгандан кўра, қочиб қолган афзал эди. Абу Шажара амаллаб сирғалиб чиқиб, думини тугди.

Ҳазрати Умар суюкли акалари Зайднинг қотили Абу Марямга ҳеч нарса қилмаган, фақат: "Сени кўришни истамайман", дейиш билан чекланган эдилар.

Абу Марям:

— Ёқтирмаганингиз учун мен мусулмонларга бериладиган ҳақ-ҳуқуқлардан маҳрум бўламанми? — деб сўраганида, Ҳазрати Умар:

— Йўқ. Оддий мусулмонга бериладиган ҳақ-ҳуқуқлар сенга ҳам берилади. Уларга бурч бўлган нарса сенга ҳам бурч ҳисобланади, — деб жавоб бердилар.

Абу Марямнинг илмий салоҳияти ошгач, уни Куфа қозилигига тайинлаган ҳам Ҳазрати Умар эдилар.

Ҳазрати Умар Абу Шажарадан ҳам кўра, Абу Марямни ёмон кўрардилар. У киши жондан ортиқ кўрган акаларининг қотилини Абу Шажарани жазолагандек жазоласалар бўлмасми? Турли усулда қийнаб, жонидан тўйдирсалар бўларди-ку! Ҳа, албатта, буларни қилсалар бўларди. Лекин бундан фақат нафсларини қондириш учун интиқом олган бўлардилар. Бунақа иш эса одил Умарга асло ярашмайди!

Абу Шажарани эса, ўзлари учун эмас, ўнлаб қон йиғлаган одамлар учун саваладилар. Агар у Исломни қабул қилмаганида, Ҳазрати Умарга уни ўлдиришларига ҳеч ким халақит қилолмас эди. Биров Ҳазрати Умарни Абу Шажарага қилган муомалалари учун айбламади.

 

Бир масала ечими

 

Ҳазрати Умар бир кун Каъб ибн Савр Асадий билан суҳбатлашиб ўтирган эдилар, ҳузурларига бир аёл кирди. Салом-аликдан сўнгра аёл гап бошлади:

— Мўминлар амири, турмуш ўртоғим кундузлари рўза тутади, кечаларни ҳам ибодат билан ўтказади. Унинг бу ишларидан шикоят қилишдан хижолатдаман. Зеро, у Аллоҳга қуллик киляпти. Бундай инсондан шикоят қилиш яхши иш эмас.

Ҳазрат Умар:

— Яхши эр экан, — дедилар.

Аёл бундай жавоб кутмаган эди. У айтганларини яна бир бор такрорлади. Ҳазрати Умар бу сафар ҳам аёлнинг эрини мақтаб қўйдилар. Шу тобда Каъб уларнинг суҳбатига қўшилди:

— Менимча, бу аёл эридан шикоят қиляпти, мўминлар амири. У эрининг ётоқдан узоқлашиб кетганини айтмоқчи.

Каъбнинг гапларидан аёлнинг юзи қизариб, кўзлари ерга қадалди.

Ҳазрат Умар:

— Модомики, сен бу аёлнинг нима демоқчилигини англаган экансан, ҳукмни ҳам ўзинг чиқар! — дедилар.

— Аёлнинг эрини топиб келтиринглар, — деди Каъб.

Эри келди. Каъб ундан исмини ва кимлигини сўраб олгандан кейин айтди:

— Хотининг сендан шикоят қилиб келди.

Ҳалиги одам шошиб қолди:

— Нимадан? Еб-ичишданми ёки кийим-кечакданми? Мен уни ҳеч нарсага муҳтож қилмадим.

У инсон эҳтиёжи фақат еб-ичиш ва кийинишдан иборат деб ўйлаб, у ёғини ўйламаган эди. Каъб:

— Йўқ. Икковларидан ҳам эмас, — деди.

Кейин аёл гап бошлади:

— Эй адолат мезони соҳиби бўлган қози, эрим ётоғини масжидга алиштирган. Кечаю кундуз ибодат килавериб, ётоғини унутиб қўйган. Аёллар ҳақларига риоя қилишда у ҳақда яхши гап айтолмаганим учун хижолатдаман. Аҳволимиз шу. Энди сиз адолатли ҳукм чикариб беринг.

Бутун фикру зикри ибодатда бўлган эр ҳам бўш келмади:

— Ётоқдан, унинг чиройидан, зийнатидан кўнглимни совутган нарса Нахл ва бошқа сураларда келган бир неча оятдан туғилган қўрқувдир.

Бу одам Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир пайтлар Абдуллоҳ ибн Амрга: "Зиммангда нафсинг, мусофир ва хотининг ҳаққи бордир", деган ўгитларини эшитмаган кўринади. Ёхуд Усмон ибн Мазъун каби бу ўгитларни эшитган эса-да, кўнгли оддий оилавий ҳаёт кечиришни тусамас эди.

Каъб гапни чўзиб ўтирмай куйидаги жавобни қайтарди:

— Эркак зиммасида аёлининг муайян ҳақлари бор. Ақли жойида инсон тўрт кечада бир аёлга насибасини беради. Аллоҳ сенга тўрттага уйланишга рухсат берган. Тасаввур қил: тўртта хотининг бор. Сен уч кеча-кундуз рўзадор бўлиб, ибодат киласан. Лекин аёлни ҳар тўрт кеча-кундузда сенда битта ҳаққи борлигини эсдан чиқарма. Уни бу насибасидан маҳрум этишга ҳаққинг йўқ. Қани энди хотинингни олдингга сол-да, уйингга бор.

— Аллоҳ сиздан рози бўлсин, қози.

— Сиздан ҳам рози бўлсин, хоним.

Уларни завқ билан кузатиб турган Ҳазрати Умар Каъбга юзландилар:

"Худо ҳаққи, нимага ҳайрон қолишни ҳам билолмай қолдим: масалани тушуниб етганинггами ёки чиқарган ҳукминггами. Сени ҳозироқ Басра қозилигига тайинлайман. Дарҳол ишга киришасан.

 

* * *

 

Кайсидир ҳаж мавсумида Ҳазрати Умар Талҳа ибн Убайдуллоҳни охори тўкилган эски кийимда кўрдилар:

— Сени бу аҳволда жоҳил одам кўрса, ҳажда эски-тускиларни кийиб олса ҳам бўлар экан деб ўйлайди. Яхшироқ эҳром кийиб ол, — дедилар.

 

Тунги шарпа

 

Қабристонга маййит келди. Бошқа марҳумлар каби унинг ҳам ортидан кўз ёш тўкиб қолишди. Бошқа марҳумлар каби у ҳам яқинлари, таниш-билишларида хотиралар қолдириб кетди.

Оила аъзоларининг бу мусибатдан ташқари бошқа бир муаммолари ҳам бор эди. Буни тилга олишнинг ўзи ғалати. Муаммо... ўлик билан боғлиқ эди. Тасаввур қилинг, бир уятсиз одам келиб... марҳумнинг кафанини ечиб олса...

Бу ҳол кишини ўйга толдирарди. Бу ҳол шунчаки тасодиф эмасди. Чунки гоҳида атрофга шунақа нохуш хабар тарқалар, эшитганларнинг ичи зил кетар эди. Дарҳақиқат, баъзи иймонсизлар кафан ўғирлашни касб қилиб олганди.

Одам табиати бундай ишлардан нафратланади, ҳатто ирганади. Лекин, афсуски, табиатида фазилат деган нарса бўлмаган, инсоний туйғулардан маҳрум одамлар ҳам дунёда сен билан ёнма-ён яшаркан.

Марҳумларнинг тириклардан кутадиган ягона нарсаси улар учун сўраладиган раҳматдир. Бироқ ўликларга гўрида ҳам тинчлик бермайдиган пасткашлар аввал чамалаб, кейин белгиланган қабрни очиб, шу орқали кун кўраётған эди. Кўпчиликнинг хаёлига ҳам келмайдиган бу иш тўғри эмасди. Ахир у ҳам тер тўкяпти. У ҳам қоронғуликда қўлга тушиб қолиш қўрқуви билан ҳаяжон ичра ҳаракат қилади. Лекин бу ишнинг дўконда ўтириб олиб, харидор кутишдан фарқи бор эди.

Марҳумнинг укаси ўша тун қиличини тақиб, акасининг қабрига яқин жойда яширинди ва кута бошлади. У тунни қабристонда ўтказди. Ҳеч ким келмади. Иккинчи кеча ҳам ҳеч зоғ кўринмади. У учинчи кун яна келиб, ўзи учун анча таниш бўлиб колган қабрлар орасига яширинди.

У кечаси қабристонда ўтириш билан уйда ётишнинг катта фарқи борлигини сезди. Тўғри ҳеч бир қабр тоши қимирламайди. Бирорта қабр очилиб, ичидан ўлик чиқиб келмайди. Бу айни ҳақиқат. Лекин қабристонга келиб, шунча ўлик орасида тунни юрак ўйноғи билан ўтказганларгина бу ҳақиқатнинг мағзини чақади.

Итларнинг дамба-дам акиллаб туриши кечага ўзгача тус берарди. Узоқ вақт қимирламай ўтираверганидан, "изқувар" ҳолдан тойиб, уч-тўрт дақиқага ухлаб оларди. Аммо бу кеча у қаттиқ, ухлаб қолиши мумкин эди. Кейин эрталаб очиқ қабрга кўзи тушса, ўзини виждони олдида қандай оқлайди?!

Туриб у ёқдан-бу ёққа юриш уйқу қочиришнинг энг яхши усулидир. Лекин туриб юрадиган бўлса, уни кўрган одам изига қайтади, шунча меҳнат бесамар кетади.

"Изқувар" ўтирган ерида баъзан қиличи қинини суқиб, баъзан оёқ-қўлини увиштириб, уйқусини қочириб ўтираркан, бирдан сергак тортди. Қулоқлари қадам товушларини эшитаётган эди. У бутун диққатини кўзи ва қулоғига тўплади. Йўқ, янглишмабди! Елкасига кетмон ва белкурак кўйиб олган бир одам эҳтиёткорлик билан яқинлашиб келарди. У қабрни худди ўзи қазигандек янглишмай топиб келди. Энди ишни бошлаш қолди, холос. Бунинг учун ҳеч қандай расмиятчиликнинг кераги йўқ эди. Белкуракни олиб, янги уйилган тупроқни аста торта бошлади. "Шарпа" уч-тўрт қадам нарида икки жуфт кўз диққат билан кузатиб турганидан бехабар эди. Бу кўзлар эгаси лабини тишлаганча, пешонасидан чиқаётган терга ҳам эътибор бермасди.

"Изқувар" бир пайт бармоқларида оғриқ ҳис этди. Қиличининг қинини сиқиб олгандан кейин бармоҳлар ҳам оғрийди-да. У бир қўли билан потирлаётган юрагини чангаллаб турарди. Тишларини ғижирлатиб, бир оз ҳовуридан тушди.

"Шарпа" қабрнинг анча-мунча жойини очиб қўйди. Сўнг нафас ростлади, терини артди. У ўзига-ўзи: "Яна ярим соат. Ўлган одамга кафаннинг нима кераги бор экан?" дерди. У бир оз тин олгач, яна ишга киришди. Ўликка яқинлашган сари ичини ҳаяжон босди. Тупроқка тушаётган белкурак товуши оркадан нафас чиқармай келаётган одамнинг қадам ташлаши билан ҳамоҳанг эди.

"Шарпа" икки кураги ўртасига тиғли нарса тиралганини ҳис қилиб, тирноғигача музлаб кетди. Бечоранинг кўрқувдан тиззалари дағ-дағ қалтирарди. Тун ярмидан оққанда ёлғиз боши билан мозорда яширинча иш қилаётган одамнинг шу алфозда қўрқишини тасаввур қилинг.

— Қўлингдагини ташла!

"Изқувар"нинг гапи мантиқсиз янгради. Чунки, шарпанинг қўлидаги белкурак аллақачон ерда ётарди.

— Менга қара!

У ўгирилди.

— Нима қилаётувдинг?!

Тил калимага айланмасди. "Шарпа" ғўлдираганча:

— Кўряпсиз-ку... — дея олди.

Шу жавобнинг ўзи етарли эди. Ҳеч бир жавоб унинг ҳолини шу биргина сўздан яхшироқ англатолмасди. Бу жиҳатдан жавоб эгасини қутлаб қўйиш керак.

Ажаб, тун ярмида келиб, дағал муомала қилаётган ким экан у? Балки у ҳам ўзига ўхшаган кафан ўғрисидир?" "Шарпа калласига келган бу фикрдан бир оз дадиллашди.

— Сен ҳам шу иш билан шуғуллансанг, гап йўқ. Арра қиламиз!

Ундан чиққан тайинли гап шу бўлди Аммо у янглишганини тушуниб етиши учун кўп вақт кетмади.

— Бу қабрга менинг акам кўмилган.

"Тунги шарпа" тош каби қотди. Пешонасидан муздек тер чиқди. У бу терни ажал шамоли олиб келганини хаёлига ҳам келтирмади.

— Менга қара, бир хато қилдим-да энди. Бошқа бундай қилмайман.

Балки рост гапиргандир. Аммо "изқувар" уни тавбасига таянтириш учун эмас, балки жазолашга келган эди.

— Бошқа қилмаслигингга ишончим комил.

Бу гап инсонга ўзгача умид бахш этиб, хавф ортда қолганини англатарди. Балки гуноҳидан ўтганини билдирар.

— Аллоҳ сендан рози бўлсин. Умринг узоқ бўлсин!

— Омин! Лекин, менимча, бу дуо учун афсус қилсанг керак. Чунки ўлиминг муқаррар.

— Ёлвораман...

Унинг сўнгги сўзи шу бўлди. Тун қоронғусида ҳавода кўтарилган шамшир зарб билан тушди. Яна кетма-кет кўтарилиб, "шарпа"ни ерпарчин қилди.

Балки у дастлабки зарбадан кейиноқ нариги дунёга равона бўлгандир. Аммо ҳали иликларга қадар сингган алам, томирлардаги кин ва интиқом оташи ўчмаган эди. Бир неча сониялардан кейин оёғи пастда, танаси қабр четида ётган "тунги шарпа" яна бир бор нафрат тўла кўзларнинг телбаларча қарашларига дучор бўлди. "Изқувар" мурдани оёқлари билан қабрга итариб тушираркан, лаблари билан пичирлади: "Баъзида одам ўзига-ўзи қабр қазир экан".

 

* * *

 

Бомдод намозидан кейин жамоатга юзланган Ҳазрати Умар тунги воқеалар ҳақида эшитишга тайёр эдилар.

Ёш йигитча ўрнидан туриб, қабристонда бўлган машъум воқеани батафсил айтиб берди ва:

— Ҳар қандай жазога тайёрман, мўминлар амири, — деб гапини тугатди

— Мен ҳеч қандай жазо бермоқчимасман. У жазосини олибди. Кафан ўғрисининг ўлими сабаб бировни айблай олмайман.

 

Отиқа хоним

 

Баҳрайндан мушк келтирилди. Ҳазрат Умар:

— Қанийди тош-тарозуни яхши тушунадиган аёл бўлса-ю, мушкни мўминларга тарқатса, — дедилар.

Шунда аёллари Отиқа айтди:

— Буни мен қиламан. Олиб келинг.

— Йўқ, бўлмайди.

— Нега бўлмас экан, мўминлар амири? Қўлидан келмайди, деб ўйлаяпсизми?

— Ундай эмас, қила олишингта ишонаман. Лекин сен уни тарқатаётиб қўлингга юқади, мушкни юзингга, қулоқларингга суртиб олишинг мумкин. Ана унда Умарнинг оиласи бошқалардан кўпроқ улуш олган бўлиб қолади. Мен шундан хавфсираяпман.

 

* * *

 

Отиқа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жаннат хушхабарини берган Саид ибн Зайднинг синглиси эди.

У ниҳоятда гўзал аёл эди. Илк турмуши Ҳазрати Абу Бакрнинг ўғиллари Абдуллоҳ билан эди. Абдуллоҳ Отиқани жонидан ортиқ кўрарди. Шу даражада севардики, ҳатто баъзи жангларга қатнашолмаган. Ҳазрати Абу Бакр ўғлининг аҳволини кўриб, уни бир чеккага тортдилар ва хотинини талоқ қилишини буюрдилар.

Ота буйруқ берган, лекин кўнгил бунга бўйсунмас эди. Абдуллоҳ отасига қарши бориш катта гуноҳлигини билар, лекин кўнгилга ҳам буйруқ беролмай, ҳис-туйғуларга берилиб, икки ўт орасида қолди, ҳатто бу ҳақда шеър ёзди.

Ота-ўғил ўртасидаги келишмовчилик Абдуллоҳнинг хотинини талоқ қилиши билан якун топди. Аммо талоқ ҳам қалб оташини сўндира олмади, аксинча кучайиб кетди. Абдуллоҳ гоҳ-гоҳида Отиқани кўриш мақсадида йўлини пойларди.

Унинг бу ҳолини эшитиб, Абу Бакр Сиддиқ яхшилаб сабоқ бериб қўймоқчи эдилар. Лекин ўғлининг Отиқага бўлган оташин муҳаббатини эшитиб қолдилар: "Унингдек гўзалдан айрилиб, менинг ҳолимга тушганни кўрмадим. Айбсиз талоқ қилиниб, унинг ҳолига тушган аёлни ҳам кўрмадим. Жуда ахлоқли эди, уятчан ва оқила аёл эди...".

Хассос қалбдан чиқаётган бу садо жуда таъсирли эди. Унинг ҳолатини кўриб Ҳазрати Абу Бакр ортга чекиндилар. Абдуллоҳни ёнларига чақириб, бошини силадилар.

— Ўғлим, бор-да, Отика билан ярашиб ол!

Отасининг гапидан Абдуллоҳнинг кўз ёшлари дарё бўлди. Лекин бу қувонч ёшлари эди. У Ҳазрати Абу Бакрнинг қўлларига осилди.

Шу тариқа Отиқа Ҳазрати Абу Бакрнинг хонадонларига иккинчи бор келин бўлиб тушди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Макка фатҳига борган, Ҳунайн ва Тоиф жангларида катнашган Абдуллоҳ қалъадан отилган ўқдан яраланди. У Мадинага ярадор ҳолда қайтди. Отиқа унинг кўнгил яраларини даволай олди, лекин баданидаги жароҳатларига малҳам бўла олмади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан кўп ўтмай, Абдуллоҳ ҳам абадий сафарга йўл олган эди.

Отиқа Абдуллоҳ учун роса йиғлади. Лекин кўз ёшлар кетганни ортга қайтаролмайди. Булар фақат кўнгил иши эди. Одамлар Отиқанинг Абдуллоҳга атаб ёзган марсиясини эшитиб қолдилар: "Сен мени ташлаб кетдинг. Кўзларим ортингда ёшланиб қолди. Юзимни ерга кўяман. Ёноқларим тупроқ бўлажак".

Абдуллоҳ энди ортга қайтмайди. Ҳаёт ўз йўлида давом этади. Эрининг вафотидан тўрт ой ўтди. Бу муддат ўлган эридан ҳомила бўлган-бўлмаганлигини билиш учун керак. Ҳомила бўлса, бола туғилиб аёл поклангунгача, йўқса тўрт ой-у ўн кун ўтгунча биров билан турмуш қурмайди, бу ҳақда ҳеч ким билан гаплашмайди.

Бир кун Ҳазрати Умарнинг акаси Зайд ибн Ҳаттоб Отиқанинг эшигини тақиллатди. У киши Отиқага уйланмоқчи эди. Зайд рад жавоби бериладиган инсон эмасди.

— Сизга турмуш чиқишдан олдин бир шартим бор.

— Нима экан у?

— Намозларимни масжидда ўқишимга қаршилик қилмайсиз.

— Хўп. Бу шартни қабул киламан.

— Ундай бўлса, розиман.

Отиқа иккинчи марта турмушга чиқди. Лекин кўп ўтмай, Зайд сохта пайғамбар Мусайламага қарши жангга кетиб, Ямомада шаҳид бўлди.

Гўзалликда тенги йўқ Отиқа иккинчи марта тул қолди. Бир куни ҳайбатли, басавлат киши эшигини қоқди. У одамнинг кўзларига қарай олиш учун ўзгача жасорат керак эди.

— Отиқа, сенга турмуш масаласида таклифим бор эди.

— Менга уйланмоқчи бўлган ким, мўминлар амири?

— Ўзим.

— Яхши. Лекин шартларим бор.

— Қандай?

— Мени урмайсиз. Хотинлик ҳуқуқларимни унутмайсиз, намозни масжидда ўқишимга қаршилик қилмайсиз.

— Розиман.

— У ҳолда мен ҳам розиман.

Ҳазрати Умар суннатга мувофиқ тўй қилдилар. Тўй куни Ҳазрати Али Ҳазрати Умарга яқинлашдилар:

— Рухсат берсангиз, мўминлар амири, Отиқага бир-икки гап айтсам.

— Марҳамат, Али!

Ҳазрати Али Отиқа ўтирган уйга яқинлашиб, пардани кўтардилар.

— Бир паитлар Абдуллоҳнинг ортидан: "Мени ташлаб кетдинг, энди кўзларим ортингдан ёш тўкади", деган сенмидинг? — дедилар.

Унинг гапларидан Отиқа хўнграб йиғлаб юборди. Ҳазрати Умар гапга аралашдилар:

— Абулҳасан, нега бундай деётганингни тушунмаяпман. Эри ўлган ҳар қандай аёл шундай қилишга мажбур, — дедилар.

 

* * *

 

Пайти келиб Отиқа Ҳазрати Умарнинг шаҳидликларига гувоҳ бўлажак.

Ҳазрати Умардан кейин Зубайр ибн Аввом билан ҳам юқоридаги шартлар асосида турмуш қурган Отиқа бир оқшом шом намозига кетаётганида рашкчи эрининг хаёлидан нелар кечаётганидан бехабар эди. У масжидга яқинлашиб қолганда тўсатдан орқадан берилган зарбадан гангиб қолди. Ортига ўгирилиб: "Инсонлар фасод ботқоғига ботиб кетибдилар", деди. У шундан кейин масжиддан қадамини узиб, намозларини уйда ўқийдиган бўлди.

Зубайр ибн Аввом хотинини бир уриб муродига етган бўлса-да, лекин бу қилмиши билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: "Аллоҳнинг чўриларини Аллоҳнинг масжидларидан узоқлаштирманглар, масжидга келишларига қаршилик кўрсатманглар", деган ўгитларига амал қилишни унутган эди. Аёл киши намозни жамоат билан ўқишидан оладиган завқ-шавқидан ташқари, бебаҳо диний маърифатдан ҳам маҳрум қилишган эди.

Масжиддан четлаштирилган, диний таълимга рухсат ололмаган аёллар ақлга тўғри келмайдиган хурофотларга берилиб кетишига уларни шу ҳолга туширганлар жавоб беришлари даркор. Диний маърифати йўқ аёлга осмондан илҳом келармиди?!

 

* * *

 

Ҳазрати Али билан у кишининг мухолифлари ўртасида битмас жароҳат қолдирган Жамал жангида Зубайр ибн Аввом шаҳид бўлди. Отиқа тўртинчи эридан ҳам айрилди.

...Отиқа бир кун қаршисида ўрта бўйли, елкалари кенг, қуюқ соқолли, юзи нурли бир одам қўлини сўраб келганида, унга: "Шартларим бор", дея олмади.

— Мўминлар амири! Сизга "йўқ," деёлмайман. Лекин ўзингизга маълумки, мен тўрт бор турмушга чиқдим. Собиқ эрларимнинг барчаси шаҳид кетишди. Сиз ҳам қилич остида жон беришингизни истамайман. Шунинг учун мени маъзур тутасиз.

Ҳазрати Али бошқа бу ҳақда оғиз очмадилар. Зеро, аччиқ тажриба аёлни шундай йўл тутишга мажбур қилди. Тақдири азал бетакрор гўзаллик соҳибасининг пешонасига фақат шаҳид кетадиган эркаклар билан бирга бўлишни битган эди.

Ҳазрати Алининг: "Шаҳид кетишни истаган одам Отиқага уйлансин", деганлари ривоят қилинган.

Ҳазрати Алини шаҳид бўлишдан қўрқишда айблаш у кишининг шаънларига туҳмат бўларди. Чунки Ҳазрати Алининг бутун ҳаётлари жангларда кечган ва Аллоҳ йўлида қурбон бўлишнинг нақадар юқори мартаба эканини Каломуллоҳда ўқиган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитган эдилар. Бир манбада у кишининг: "Энг олий ўлим Аллоҳ учун шаҳид кетишдир", деган гапларига кўзимиз тушган.

Ҳазрати Али Отиқага уйланмадилар, лекин барибир шаҳид бўлиб жон бердилар.

 

* * *

 

Ҳазрати Умар бир аёлни ҳузурларига чорлади. Аёл қаттиқ қўрқиб, ҳомиласини тушириб қўйди. Ҳазрати Умар бу воқеадан қайғуга тушди. Энди нима қилиш кераклигини сўраб, ўзлари ишонган одамларга маслаҳат солди. Ҳар ким билганича маслаҳат берди. Бажариш энг оғир ечим Ҳазрати Алидан чиқди: "Бу бир мўминни билмай ўлдириб қўйиш билан баробардир".

Ҳазрати Умар:

— Энг мақбули Абул Ҳасаннинг (Али ибн Абу Толиб) гапидир, — дедилар.

Аёлга юз бош туя берилди.

Давлат раҳбари сифатида Ҳазрати Умар энг осон йўлни танлашлари ҳам мумкин эди. Бунга биров эътироз билдиролмасди. Аёлнинг эрига учраб: "Кечирасизлар, бундай бўлишини истамаган эдим", десалар ҳам бўларди.

Ҳатто тепадан келиб: "Ким унга боласини туширсин дебди", дея бақириб-чақиришлари ҳам мумкин эди.

Келажакда шу каби хатти-ҳаракатлар юз беради. Масалан, Сиффин жангида Ҳазрати Али тарафида туриб урушган Аммор ибн Ёсир бир гуруҳ тарафидан шаҳид қилинади. Ўзининг буйруғи эслатилганда Сиффин қўмондони шундай дейди: "Амморни биз ўлдирганимиз йўқ. Уни жангга ким олиб келган бўлса, ўша ўлдирди" (Ибн Саъд, "Табақот").

 

* * *

 

Ҳазрати Умар диннинг моҳиятини тушуниб етгаи инсон эдилар. У зот, аввало, Қуръонга, кейин суннатга таянар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эътибор берган нарсага Ҳазрати Умар ҳам эътибор билан қарарди.

Бир ҳаж мавсумида Ҳазрати Умар Ҳажарул асвад қаршисида туриб: "Сен оддий тошсан. Бошқа тошлардан фарқинг йўқ,. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сени ўпмаганларида, мен ҳам ўпмасдим", дедилар ва тошни ўпдилар. Кейин шерикларига ўгирилдилар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мўминлар учун мукаммал намуна эканликлари ҳақдаги оятни ўқидилар.

Ҳазрати Умар яна бошқа бир нарсани эслар эдилар: Ҳудайбия сулҳидан бир йил ўтиб, умра қилиш учун Маккага келишганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳажарул асвад қаршисида туриб, Умарга: "Шу ерда кўз ёш тўкилади, Ҳаттобнинг ўғли", дедилар.

Бир кун Ҳазрати Умар ҳаж ва умрага келиб-кетаётганларнинг Ҳудайбиядаги дарахт атрофида кўп ўралашиб қолишаётганини кўриб қолдилар. У кишининг амрлари билан ўша дарахт кесиб ташланди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қурайшга қарши курашиш учун байъат олаётганларида шу дарахт остида ўтирган эдилар. Бироқ муҳими дарахт эмас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга берилган ваъда эди.

Келаси йили келганлар дарахтни жойида кўрмадилар. Кейинчалик у одамларнинг эсидан ҳам чиқиб кетди.

 

* * *

 

Кунларнинг бирида Йаъло ибн Умаййа:

— Ҳузурингизга бир масала бўйича келдим, — деди.

— Бемалол, гапиравер.

— Аллоҳ: "Агар куфр келтирганлар сизларни фитна ва муаммога дучор қилишларидан қўрқсангиз, сафарга чиққанингизда намозни кисқа ўқишда ёмонлик йўқдир", деган. Биз эса, шу кунларда Аллоҳнинг марҳамати билан тинчлик-хотиржамликда яшаяпмиз.

Йаъло бу билан: "Бизнинг душмандан қўрқадиган жойимиз йўқ, аксинча, улар биздан қўрқишади. Шундай экан намозни тўлиқ ўқиганимиз дуруст эмасми?" демоқчи эди.

Ҳазрат Умар:

— Сени қийнаётган масалани мен ҳам ўйлаб кўрганман. Худди шуни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўраганимда, ул зот: "Намозни сафарда қисқартириб ўқиш Раббингиздан сизга инъом қилинган садақадир. Аллоҳнинг садақасини қабул этинглар", деган эдилар, — деб жавоб қилдилар.

 

* * *

 

Шу ўринда Ҳазрати Умар даврларидаги пул бирлиги ҳақида икки оғиз сўз айтиш лозим кўринди. Ўша пайтларда тўрт хил пул бирлиги бўлган. Булар — бағолий, табарий, мағрибий ва яманий тангалар. Ушбу пуллар саккиз, тўрт, уч ва бир даниқ оғирлигида эди.

Ҳазрати Умар бундай шароитда чора кўриб, одамларни ягона пул бирлиги атрофида тўплаш ва савдо-сотиқда рўй бериши мумкин бўлган турли найрангбозликларнинг олдини олиш мақсадида кузатув ишларини олиб боришни буюрдилар. Шунда энг кўп муомалада бўлган иккита пул бирлигини аникладилар. Улар бағолий ва мағрибий тангалар эди.

Ҳар икки пулнинг оғирлиги қўшилиб ўртадан бўлинди. Натижада янги зарб этиладиган тангалар олти даниқ (яъни, ўттиз арпа дони оғирлиги билан баробар) этиб белгилашга қарор қилинди.

Бир нарсани айтиб ўтиш лозимки, бу пуллар фақат оғирлигига қараб тартибга келтирилган. Пул ислоҳотини ҳар тарафлама амалга ошириб, исломий ўлчовлар асосида муомалага киритган киши Молик ибн Марвон бўлади.

Усмон ибн Ҳунайф қўли остидаги Ироқ аҳли орасида тарқалган узунлик ўлчов бирлигини Ҳазрати Умар давлат номидан расмий деб эътироф қилдилар. Айнан шу ўлчов бирлиги уммат амири тарафидан имзоланиб кучга кирди.

Узунлик ўлчови уч турли эди. Ўша уч ўлчов бирлиги кўшилди ва яна учга бўлинди. Бундан ҳосил бўлган узунлик расман қабул қилинди. Ўлчанган чивиқнинг учлари эритилган кўрғошин билан муҳрланди ва Ирокқа — Усмон ибн Ҳунайфга ерни ўша асосда ўлчаш учун юборилди. Ушбу ўлчов бирлиги кейинчалик "Зирои умарийя" (Умар аршини), деган ном олди.

 

* * *

 

Ҳазрат Умар Аббоснинг уйи олдидан ўтиб кетаётган эди. Тарновдан окиб тушаётган сув кийимларини ифлос қилди. Юқоридан сўйилган хўрознинг қони аралаш сув оқиб тушаётган эди. Табиийки, бундай аҳволда намоз ўқиб бўлмасди. Ҳазрат Умар уйга қайтиб, кийимларини алмаштирдилар ва шундан кейингина намозни адо қилдилар. Сўнгра у кишининг амрлари билан тарнов жойидан олиб ташланди. Бу воқеадан бир оз вақт ўтиб, Аббос розийаллоҳу анҳу Ҳазрати Умарнинг олдига келди.

Олдириб ташланган тарновни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари ўша ерга ўрнатган эдилар, — деди Аббос.

Ҳазрат Умар ўринларидан туриб, Аббоснинг ёнларига чиқдилар.

— Аббос, уйингда нарвонинг бор. Лекин бу сафар сенга ўзим нарвонлик киламан. Устимга чиққин-да, тарновни жойига ўрнатиб қўй.

Аббос воқеани кузатиб турганларнинг ҳайратомуз қарашлари остида буйруқни бажарди. (Ибн Саъд).

 

Салмон уйланмоқчи эди

 

Салмон Форсий Ҳазрати Умарнинг бир қизларига совчи қўйиб, ижобий жавоб олди. Аммо унинг ўғли Абдуллоҳ орадаги ёшнинг фарқи катталигиданми ёки бизга маълум бўлмаган бошқа сабабданми, рози эмасди.

Салмоннинг комил мусулмонлигига шак-шубҳа йўқ эди. Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у ҳақда: "Салмон биздан, бизнинг аҳли байтимиздандир", деган эдилар. Бироқ бир одамнинг бошқа одамга хуш келиши ёхуд турмуш қуриши учун рози бўлишига бошқа сабаблар бўлиши мумкинлигини ҳам инкор қилолмаймиз. Балки қўли сўралган қиз ўзи рози бўлмай, бу ҳақда оғаси Абдуллоҳга гап очгандир.

Абдуллоҳ ҳам ўз навбатида отасининг олдига келиб: "Мен синглимни Салмонга узатилишига қаршиман", дея айтолмагандир. У ота турганда аканинг гапи иккинчи даражали эканлигини яхши тушунарди.

Абдуллоҳ ўша кунларда Мадинада юрган Амр ибн Осни кўриб: "Мана шу одам бирор чора топиб бера олади", деган фикрни кўнглидан ўтказди. Бориб вазиятни Амрга тушунтирди. Амр: "Буни менга қўйиб бер", деди.

— Умарнинг қизига совчи қўйибсан. Уям қизини сенга беришга рози бўлибдими, Салмон?

— Ҳа.

— Умар кўнгли бўшлик қилибди...

Амр бошқа ҳеч нарса демай йўлида давом этди. Салмон гап нимадалигини англаши ва унинг ортидан югуриб келиб: "Бу билан нима демоқчисан, Амр?" дейиши учун озгина вақт керак эди. Бу гап Салмонни ўйлантириб қўйди. У Амрни топиб: "Бу нега сени қизиқтиряпти, Амр? Оғиз солган мен, қизини бермоқчи бўлган у. Сен нега бу ишга аралашяпсан?" демоқчи бўлди. Лекин иш шу билан ҳал бўлиб қолмасди. Худо билади, яна қанча одам Амрдек ўйлаб юрибди. Уларнинг фикрини йўқотиб бўлмайди-ку! Ундан ташқари, Амр ҳам боплаб жавоб бериб, ишнинг пачавасини чиқарар. Шу бир оғиз гап Салмоннинг ақлига ўрнашиб, хаёлини банд этди.

Уйлай-ўйлай, у Ҳазрати Умарнинг олдига борди ва "Бу ишга кўнглим чопмаяпти" деб, фикридан қайтганини маълум қилди.

 

Исфаҳон

 

Ҳазрати Умар Куфага Амморни юборганларидан сўнг олдинги волий Абдуллоҳ ибн Утбани қўшинга бош қилиб, Исфаҳон сари юришни буюрдилар.

Абдуллоҳ Куфада турган аскарлар билан Нихованддан қайтган лашкарни қўшиб, йўлга чиқди. Йўлда Шаҳр Бароз Жазовайҳ исмли кекса қўмондон бошчилигидаги қўшинга дуч келди. Ўртада жанг бўлиб ўтди. Бир куни мўйсафид майдонга чиқиб, яккама-якка олишувга рақиб чақирди. Ўртага Абдуллоҳ ибн Варқо чиқди. Бўлиб ўттан олишув қариянинг ерга жонсиз қулаши билан якун топди. Унинг ўлганини кўрган қўшини қочиб қолди. Шу тариқа Исфаҳон атрофидаги йирик қишлоқ қўлга киритилди. Бу жой кейинчалик: "Рустакуш шайх" (Мўйсафид кишлоғи), деган ном олди.

Ислом лашкари илгарилаб, Исфаҳон шаҳри яқинигача етиб келди. Бу сафар ўртага Фосузтон деган қўмондон чиқди.

— Қўмондонингиз ўртага чиксин! Куч синашамиз! — дея қичкирди у.

Абдуллоҳ олдинга чиқди. Фозустон:

— Шерикларимни ўлдиришингизни истамайман. Мабодо, сени ўлдирсам лашкаринг ортга қайтсин. Мен ҳалок бўлсам, ватандошларим сиз билан сулҳ тузишади, — деди.

Абдуллоҳ қўмондоннинг инсоф юзасидан қилган таклифини қабул этди. Илк зарбани форсий берадиган бўлди. Фозустон отини ниқтаб, найзасини бор кучи билан рақибига улоқтирди. Найза Абдуллоҳ ўтирган отнинг эгарини эзиб ташлади, лекин отга шикаст етмади. Абдуллоҳ бунақа аҳволда отда ўтиролмаслигини англаб, пастга тушди ва отнинг устидан эгарни олиб ташлади. Кейин ўзи яланғоч отга минди. Энди зарба бериш навбати уники эди. Фозустон қўлларини кўтарди:

— Сен билан олишмайман. Сен кучли инсон экансан. Яхшиси сулҳ тузайлик. Шаҳар сизларга таслим бўлади. Шу шарт биланки, хоҳлаган одам жизя тўласин ва шаҳарда қолсин, хоҳлаган одам тинчгина шаҳарни тарк этсин ва истаган ерига кетсин. Ундан қолган ерлар сизга бўлсин.

Абдуллоҳ бу таклифга қарши ҳеч нарса демади. Келишув Фозустон айтганидек тузилди. Ўттиз киши шаҳарни тарк этиб, Кирмонга йўл олди, қолганлар жизя тўлашга рози бўлди. ("Тарихи Табарий")

 

* * *

 

Кейинчалик ака-ука Нуайм ва Сувайд ибн Муқарринларнинг жонбозликлари туфайли Моҳ, Малвия, Ҳамадон, Рай, Хумс, Журжон ва Табаристон шаҳарлари жангсиз фатҳ қилинди. Сўнгра Симоқ ибн Ҳораш Озарбойжонда турган Букайр ибн Абдуллоҳга мадад сифатида юборилди. Лекин улар ортиқча қаршиликка дуч келишмади. Натижада Озарбойжон ҳам қўлга киритилиб, Утба ибн Фарқод волий этиб тайинланди.


Qayd etilgan


AbdulAziz  23 Fevral 2010, 17:13:04

* * *

Озарбойжондан Боб томон йўл олган Абдураҳмон ибн Рабиа шаҳар ҳокими Шаҳрбоздан мактуб олди. Унда ҳоким хавфсизлиги таъминланса, мусулмон қўшини билан учрашмоқчи эканини айтган эди. Абдураҳмон унинг истаги қондирилишини маълум қилди. Шаҳрбоз келди:

— Биз зоти паст қабилалар билан билан яшаяпмиз. Шараф соҳиби бўлган инсонлар бунақаларга ёрдам қўлини чўзмайдилар. Шарафли инсон шарафли инсон билан ёнма-ён бўлиши лозим. Шу сабаб биз качларнинг ҳам, арманиларнинг ҳам тарафини олмоқчимасмиз. Уларга қўшилиб, сизга қарши чиқиш ниятимиз йўқ, Биз жизя тўлашдан ташқари, уларга қарши курашиш ва истаган ерингизда ҳозир бўлишга розимиз. Шундай экан, жизя олиб, уларнинг олдида бизни пастга урманг.

Ҳоким виқор билан гапирарди. Гаплари ҳам жарангларди. Абдураҳмон бу борада бошқа қўмондон Суроқа билан кенгашиб кўрди, Суроқа гапни чўзиб ўтирмади:

— Душманга қарши бориб, бизга нисбатан бош кўтариш нияти бўлмаган одамларнинг ўзига яраша ҳожатлари бўлса керак. Биз сизлардан бошқа солиқ олмаймиз.

Бундан буён чегара ҳудудларида туриб, ислом давлатини тан олмаганларга қарши курашганлардан жизя олмаслик одат тусига кирди. Ҳазрати Умар бу ҳақда хабар бирилганда, қабул қилинган қарорни тўғри ҳисоблаб, уни тасдиқладилар.

 

* * *

 

Яздажирд салтанати емирилиб бораётганини англаб турарди, лекин қўлидан бирор иш келмасди. Унинг охирги бор Ниховандда омади чопган эди, шундан кейин ишлари чаппа кетиб, чорасиз қолди. Энди у шаҳардан бу шаҳарга кўчманчи каби кўчиб юришдан бошқа иложи йўқ эди. Яздажирд сўнгги марта Райдан паноҳ топди, лекин у ерда ҳам тинч яшолмагач, Хуросон тарафларга қочди. У мажусийликнинг тимсоли ва илоҳи деб қараладиган оловни ўзи билан олиб юрар, бу билан минг йилдан бери ёниб турган ўтни ўша ерда қурдирган «Оташгоҳ»га келтирарди.

Ахнаф ибн Қайс бошчилигидаги қўшин ҳам тобора илгарилаб, Хуросон тупроқларига қадам қўйди. Ахнаф Ҳиротни забт этди, кейин Нишопур ва Марвга йўл олди.

Яздажирд атрофидаги подшоҳликларга ёзган мактубларида ёрдамга муҳтожлигини билдирди. Лекин Ахнафнинг келганини эшитиб, Марвдан Рузга, у ердан Салҳ шаҳрига йўл олди.

Бу орада Куфадан келган кичик қўшин Балхга етиб олди. Яздажирднинг қўшини билан бўлган жанг мусулмонларнинг ғалабаси билан якунланган эди. Ахнаф Балхга етганда жанг тугаган, бироқ, Яздажирднинг ўзи йўқ эди.

Ахнаф Хуросон фатҳ қилингани ва Яздажирднинг қочганини ёзиб, Ҳазрати Умарга мактуб жўнатди. Ииллар давомида жанг ташвишларидан ҳориган Ҳазрати Умар: "Қанийди, у ёкқа аскар жўнатмасам. Қанийди, Форс билан ўртамизда оловли уммон бўлсаю, уларга дуч келмасак", дедилар.

 

* * *

 

Бу ёқда Яздажирднинг чақирувига биноан Ҳоқон билан Суғд подшоҳи Хуросон тарафга юрди. Бундан хабар топган Ахнаф ибн Қайс кийимларини одамлар танимайдиган даражада ўзгартириб, ўз қўшинини айланиб чиқди. Мақсад аскарларнинг фикрларини эшитиш эди. Тасодифан у икки жангчининг суҳбатини эшитиб қолди.

— Амир қўшинни шу тоғ этагига жойлаштирса, яхши иш бўларди, — деди улардан бири. Шериги бош ирғаб, уни тасдиклади:

— Тўғри. Ҳеч бўлмаса, душман ортимиздан ҳужум қилолмасди, биз ҳам бир тарафга қараб жанг қилардик.

Бу гапда жон бор эди. Эрталаб Ахнафнинг қилган дастлабки иши қўшиннинг орқа тарафини тоққа қаратиб жойлаштириш бўлди.

Кўп ўтмай, турклар қўшини етиб келди. Тонгда рақиблар икки тарафга сафланди. Турклар орасидан бир суворий ўртага чиқиб, яккама-якка олишувга чақирди. Ўртага Ахнафнинг ўзи чиқди. Олишувда лашкарбошининг қўли баланд келди. Кейин чикқан икки аскар ҳам Ахнафнинг қиличи остида жон берди. Ахнаф ортга қайтди. Рақиб эса ҳануз унинг қўшин қўмондони эканини билмасди.

Ҳоқон кетма-кет уч кишидан айрилганидан хурсанд бўлмади. У: "Бу одамлар билан уришишдан наф йўқ. Ортга қайтамиз", деди. Унинг буйруғи ижро этилди. Бомдод намозига турган мусулмонлар кечаги қўшин жуфтакни ростлаб қолганига ҳайрон бўлишди. Ҳоқоннинг оқилона йўл тутиши ҳар икки тараф учун фойдали бўлди.

Яздажирднинг бир чақируви билан шунча инсонни ўлим билан юзма-юз қилиш ақл ва мантиққа тўғри келмасди.

 

* * *

 

Яздажирд Турк ҳоқони қайтиб кетганини билгач, режалари барбод бўлганини англаб етди. Зеро, ихтиёридаги саноқли аскар билан ҳеч нарса қилолмасди. Бундан қудратлироқ қўшинларни ер тишлатган мусулмонлар бу сафар бор кучини сафарбар қилиши аниқ эди. У бир қарорга келди: "Чин ҳукмдорларининг олдига боради".

Яздажирд бутун хазинасини тўплади, энди бу ерларга ҳеч қайтиб келмайди. Унинг йўл тадоригини кўрганлар:

— Нима қилмоқчисиз? — деб сўрашди.

— Турк ҳоқонининг ёнига. Е у билан қоламан ёки Чин тарафларга кетаман.

Ҳукмдорнинг бу гаплари одамларнинг сабр косасини тўлдирди:

— Шошмасак бўлармиди. Қарорингиз бир фикрга асосланган. Ҳозир бошқа элат ёнига борасиз ва ўз юртингиз, элатингизни тарк этасиз. Яхшиси, араблар билан келишиб, ўз юртингизда қолинг. Улар ҳеч бўлмаса, диндор, ваъдасига вафо қиладиган одамлар-ку! Ҳолбуки, сиз олдига бормоқчи бўлаётган ҳукмдорларнинг динларини ва аҳдига вафодор эканликларини яхши билмайсиз.

Яздажирд бу гапларни эшитишни истамади.

— Унда ҳазинани бизга қолдиринг. Чунки у бизнинг мулкимиздир. Уни биздан йиғиб олгансиз.

Яздажирдга халқидан илк бор эшитиб турган бу сўзлар ёқмади.

— Аввал хулқларингни тузатиб олсангиз, яхши бўларди. Подшоҳингизга нисбатан бундай муомала қилиш одобдан эмас.

— Агар сен ҳақиқий подшоҳ бўлганингда бизни бундай аҳволга тушириб қўймасдинг!

Бўлар иш бўлган эди. Яздажирд шоҳ эмас, давлатнинг мол-мулкига чанг солаётган оддий раҳбар бўлиб қолган эди халқ наздида. Жанжал тезда ниҳоясига етди. Жонини қутқариш мақсадида Яздажирд хазинани ўша ерда қолдириб, мамлакатни тарк этди. У тўғри Турк ҳоқонининг ҳузурига йўл олди. Форслар эса Ахнаф билан учрашиб, сулҳ туздилар ва жизя тўлашни бўйинларига олиб, юртларига қайтишди. Улар энди бундан буён кисролар давридагидан фаровонроқ ҳаётда яшашади.

Ахнаф ибн Қайс Ҳоқон билан Яздажирд Балх шаҳрида эканини эшитиб, қўшинни ўша ёққа юришга буюрди. Бундан хабар топган Ҳоқон дарёнинг нариги соҳилига ўтиб кетди. Ахнаф Балхдан уларни топа олмади. Ҳазрати Умарни вазиятдан бохабар этдилар.

 

* * *

 

Дарёни кечиб ўтган Ҳоқон билан Яздажирд аввалроқ Чин ҳукмдорига юборилган элчини учратишди. Элчи Чин ҳоқони билан ўрталарида бўлиб ўтган суҳбатни айтиб берди.

Ҳукмдор шундай деган эди: "Айтишингизга қараганда, уларнинг сони жуда оз. Лекин сен ҳар сафар улар зафар қучаётганларини айтяпсан. Мен шуни тушуниб етдимки, улар яхшилик билан, сизлар эса ёмонлик билан иш юритяпсиз. Энди бир-иккита саволларимга жавоб бер.

"Улар берган сўзларида туришадими?"

"Ҳа, туришади".

"Жанг бошлашдан аввал нима дейишади?"

"Бизга уч таклифдан бирини танлашни айтишади. Ё мусулмон бўлишимизни ёки жизя тўлаб, ҳимояларига киришимизни ёхуд жанг қилишимизни".

"Аскарларнинг қўмондонларига итоатлари қай даражада?"

"Итоат дегани шундай бўлса".

"Ҳалол ва ҳаром хусусида нима дейишади?"

Элчи ҳалол-ҳаром тўғрисида билганларини гапириб берди. Кейин у яна қуйидаги саволларга жавоб берди:

"Ҳалол қилинганни ҳаром, ҳаром қилинганни ҳалол дейдиларми?

"Бунақаси бўлмайди".

"Тушунишимча, сен айтган одамлар ҳаромни ҳалол, ҳалолни ҳаром демас, аниқроғи, динларининг ҳукмларини оёқости қилмас эканлар, мағлубиятга учрашмайди".

Элчи шу гапларни етказиб, Чин ҳукмдорининг хатини топширди.

Чин ҳукмдори мактубда: "Бир учи Марв, бошқа учи Чинга етадиган қўшин юборишим мумкин. Лекин бундай қилмайман. Чунки бўйнимдаги вазифани яхши тушуниб етганим йўқ. Элчининг гапларига қараганда, душманингиз киришса, бутун тоғни жойидан қўпориб ташлайди. Йўлини қилсалар мени ҳам бу ердан суриб чиқаришлари мумкин. Менимча, сиз улар билан учрашиб, сулҳ тузишингиз керак. Улар сизга ҳужум қилмагунча сиз ҳам ҳужумга ўтманг", — деб ёзган эди.

Яздажирднинг бутун умидлари чилпарчин бўлди. Энди у ё ҳоқон ёнида бир мусофир сифатида яшайди, ё бош олиб чиқиб кетади.

 

* * *

 

Кейин Истаҳр, Фасо ва Доро Бижард фатҳ қилинди.

Сария ибн Зунайм қўл остидаги мусулмон аскари душман билан жанг қиларкан, қуршовга қандай тушиб қолганини билмай қолди. Шу онда Мадинада, минбарда нутқ сўзлаётган Ҳазрати Умарнинг кўзлари муҳораба майдонига йўналди. Буюк Мавлонинг қудрати билан у кишига шундай икром кўрсатилиб, жангнинг бориши ойнаи жахондаги каби намоён бўлди. Мўминларнинг сиқилиб қолганини кўрган Ҳазрати Умар гапларини бўлдилар:

— Сария! Тоққа юр! Тоғ тарафга юр! — дедилар-да, яна маърузаларини давом эттирдилар.

Лашкарбоши Сария ва жанг қилаётган аскарлар Ҳазрати Умарнинг гапларини эшитиб, дарҳол тоққа чекинди ва йўналишини ўзгартирди. Бу билан улар муқаррар мағлубиятдан қутулиб, ҳатто ғалабага эришишди.

Ҳазрати Умарга жанг майдонини кўрсатган, шубҳасиз, Аллоҳ эди. Овозларини ўша ергача эшиттирган ҳам ўша Буюк Қудрат Эгасидир. Бу ҳар нарсага қодир Аллоҳнинг севимли бандасига кўрсатган икроми бўлиб, Ҳазрати Умарнинг кароматлари эди.

Ҳазрати Умар гапларини тугатиб бўлиб, нега бундай деганларини тушунтириб берар эканлар: "Мен каромат соҳибиман", деган эмаслар. Буни Аллоҳнинг икроми деб қабул қилиб, ҳамду сано ва шукр айтдилар.

 

* * *

 

Ушбу ғалаба Аллоҳнинг мусулмонларга туҳфаси эди. Лекин унда Ҳазрати Умарнинг ҳиссалари бор. Шу сабаб лашкарбоши Сария ғанимат моли орасидаги жавоҳирларга тўла иккита халтани қўшинга кўрсатиб:

— Рози бўлсангизлар, мана шу икки халтани ғанимат молидан ташқари ҳисоблаб, халифа номларига юборайлик, — деди.

— Жуда соз!

Вакил Мадинага етиб келганида, Ҳазрати Умар дастурхон бошида эдилар. У киши тик турганча, хизматкори Йарфога: "Гўшт олиб кел!" дея амр берардилар. Қўлларида эса асо. Вакил уни биринчи бор кўрганида чўпонга ўхшатиб юборди. Ҳазрати Умар янги меҳмонни кўриб: "Қани ўтиринг!" дея дастурхонга таклиф қилдилар. Меҳмон ҳам ўтириб, тотина бошлади. Овқатдан кейин дастурхон атрофидагилар тарқала бошлашди. Ҳазрати Умар ҳам уйларига йўл олдилар. Ҳалиги одам Ҳазрати Умарга эргашди.

— Кирсам майлими, мўминлар амири?

— Марҳамат.

Ҳазрати Умар бу одамнинг ҳануз кимлигини танимаган эдилар. Икковлари ўтиришди. Ҳазрати Умар меҳмонга ичи чивиққа тўлдирилган, ҳар бир оддий оилада мавжуд ёстиқни узатдилар, сўнг.

— Умму Гулсум! Бизга овқат бер! — дедилар.

Завжалари озгина зайтун мойи, нон ва туз келтирди. Ҳазрати Умар келтирилган нарсаларни дастурхонга қўяр эканлар, ичкарига қараб дедилар:

— Хотин, дастурхонга келмайсанми?

— У ерда бегона одам ўтирибди, шекилли?

— Ҳа, мусофир бор.

— Жаъфарнинг ўғли Талҳа хотинларига тузукроқ кийим-бош олиб беришган. Бегонанинг олдига чнкишимни истасангиз, сиз ҳам менга олиб беринг.

— Сенга Али ибн Абу Толибнинг қизи, халифа Умар ибн Ҳаттобнинг хотини деган ном камлик киляптими?

— Булар кўпчилик олдига чиқишимга камлик қилади.

Ҳазрати Умар унга жавоб бермай, мусофирга юзландилар:

— Дастурхонга каранг, меҳмон! У шу аҳволидан рози бўлганида яхшироқ емак берган бўларди.

Дарҳақиқат, элчи ўзи одатда ейдиган емиши Амирул мўмининникидан яхшироқ эканининг гувоҳи бўлди.

Овқатдан кейин Ҳазрати Умарнинг амрларига биноан ичимлик келтиришди. Унга ичимлик ҳам ёқмади, лекин у Ҳазрати Умарнинг ейиш-ичишдаги одобларига ҳайрон қолди. Еб-ичиб бўлишгач, Ҳазрати Умар дастурхонга "Едириб-ичирган Аллоҳга ҳамд бўлсин!" дея дуо қилдилар. Ҳазрати Умар дуони ҳам, ўзгача бир ихлос билан айтди. Холбуки, вакилга овқат ҳам ичимлик ҳам ёқмаган эди. У халифанинг дастурхони анча тўкин бўлса керак деб ўйлаб хато қилган эди.

Энди у ўзини Ҳазрати Умарга танитиш пайти келган эди. У ўзини Сария ибн Зунайм юборганини айтиб, ғалаба қозонганларининг хушхабарини етказди.

Ҳазрати Умар:

— Мен сизларга тоққа қараб юришни буюрган эдим, — дедилар.

— Ҳа, биз эшитдик ва ўша тарафга юрдик. Акс ҳолда бизни муқаррар ўлим кутиб турган эди.

Кейин вакил жавоҳирларни чиқариб, уларнинг тақсимга киритилмаганини, барчанинг рози-ризолиги билан лашкардан ҳадя эканини айтди.

Бироқ Ҳазрати Умар унамадилар:

— Дарҳол олиб бориб, Сарияга топшир буларни. Сотиб, тақсимлайверсин.

Вакилнинг чарчаган туяси олиниб, ўрнига бақувват туя берилди. Бу орада вакилга Ҳазрати Умарнинг хутба пайтида: "Сария, тоққа юр!" деганлари ҳақида саволлар бериб, қониқтирадиган жавоб олдилар.

 

* * *

 

Шундан сўнг Кирмон, Сижистон, Қандаҳор ва Мукрон фатҳ қилинди. Мукрон ҳақида хабар етиб келгач, Ҳазрати Умар қўмондон Ҳакам ибн Амр билан Сухайлга: "Ҳаракатни тўхтатинг! У ёғига ҳеч ким бир қадам ҳам жилмасин!" деб буйруқ бердилар.

 

Бир ҳаж хотираси

 

Ҳазрати Умар ҳар йили ҳажга борардилар. Шу баҳона одамларни бир жойда кўрар, муаммо ва шикоятларини тинглар эдилар. Ҳаж мавсумида барча волий ва ҳокимлар ҳам Маккага етиб келишлари лозим эди. Бу ҳар бир ҳаж мавсумига тегишли буйруқ эди.

Ҳар сафар махсус одамлар ҳожилар орасида юриб, баланд овозда:

— Амирул мўминин шикоятларингизни тингламоқчи, деб адолат ўрнатилиши учун одамларни халифанинг ҳузурларига чорлашарди.

Ҳазрати Умар бир куни тўпланган одамларга қарата шундай дедилар:

— Эй инсонлар! Мен одамларимни сизларга яхшилик ва савобга йўл кўрсатсинлар, ҳақ-ҳуқуқларингизни ҳимоя килсинлар, деб юборганман. Сизларни урсинлар, ҳуқуқларингизни поймол қилсинлар ёки ўлдирсинлар, деб юборганим йўқ. Орангизда волийидан шикояти борлар чиқиб гапирсин, талабини қондирамиз.

Бир одам олдинга чиқди:

— Сиз юборган волий ноҳақдан юз қамчи урди.

Ҳазрати Умар волийга юзландилар:

— Демак, сен уни юз дарра урдириб, савалатдинг. Сабаб?

Волий индаёлмай қолди. Шикоятчи ҳақ бўлиб чиқди. Ҳазрати Умар қўлларидаги асони унга узатдилар:

— Ҳаққингни ол!

Ҳазрати Умарнинг гапларида ҳазил аломатлари кўринмасди. Буни Амр ибн Ос жуда яхши тушунарди. Ўғли бир қибтийни уриб, Мисрдан Мадинага чақирилган, қилган иши учун жавоб берган эди. Устига-устак Амр ўғли қандай жазоланганлигининг гувоҳи бўлган эди. Бу сафар ҳам шундай бўлиши турган гап. У Ҳазрати Умарнинг олдларига чиқди:

— Мўминлар амири, волийларингизга бу муомала оғир келади. Ундан ташқари сиздан кейин ҳам бу одат тусига кириши мумкин.

Ҳазрати Умар Амрнинг гапига эътибор бермадилар:

— Мен Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи ва саллам шахсан ўзларидан қасос олишга амр берганларига гувоҳ бўлганман. Бир волий учун бошқача чора қўллолмайман, — дедилар. Ҳалиги одамга бошла, деган ишларини қилдилар.

Амр ишни шундай қолдиришни истамади.

— Хўп, биз бу одамни рози қилсак ва у ҳаққидан воз кечса, унга нима дейсиз?

— У ўзи рози бўлиб, ҳаққидан кечса, майли.

Амрга шунинг ўзи кифоя эди. У даъвогарга яқинлашди.

— Ҳар бир қамчи учун қанча пул хоҳлайсан?

"Савдо" икки юз динор билан битди. Даъвогар Ҳазрати Умарнинг олдларига келиб:

— Ҳаққимни олдим, мўминлар амири, — деди.

 

* * *

 

Тавоф пайтида Ҳазрати Умар бир аёлнинг ноласини эшитиб қолдилар. У: "Аёллар борки, лабларига муздек сув тутилади, кўзларидан қувонч порлайди. Аёллар борки, унга балчиқ сув беришади. Агар у Аллоҳдан қўрқмаганида, уйидан қочиб кетарди, дерди.

Ҳазрати Умар ёнларидаги одамга:

— Шу аёлни кетидан кузатиб юр. Тавоф қилиб бўлгач, ёнимга олиб кел, — дедилар.

Бир оздан кейин аёл Ҳазрати Умарнинг ҳузурларига келди.

— Тавоф қилаётиб шеър айтаётганингни эшитдим. Дуо қилиш керакмасми ўша пайт?

— Сиз ҳақсиз, мўминлар амири. Бу Аллоҳнинг уйидир, дуо қилиш лозим. Лекин инсонни гапиртирадиган унинг дарди-ку, бундан кўз юмиб бўлмайди.

Ҳазрати Умар янглишмаган эди. Бу аёл шеърни кайфу сафо учун эмас, дарду аламдан айтган экан.

— Оиланг борми?

— Ҳа, бор.

— Эрингнинг исми нима?

Аёл эрининг исмини ва кабиласини номини айтди.

— Ҳажга бирга келганмисизлар?

— Ҳа.

Ҳазрати Умар ёнидагиларга караб, унинг эрини топиб келишни буюрдилар.

Бир оз ўтиб, эри ҳам келди. Ҳазрати Умар у билан гаплашаётганларида, оғзидан бадбўй ҳид келарди. Аёлнинг нима демоқчилигини англаб етдилар.

— Сенга таклифим бор. Агар бу аёлни талоқ қилсанг, беш юз дирҳам берамиз. "Йўқ" десанг, бу аёлнинг оҳи бошингга етади — дедилар.

Ҳазрати Умар эркакка беш юз дирҳам беришни буюрдилар. Аёл хурсандчиликдан кулиб: "Аллоҳ сиздан рози бўлсин мўминлар амир!" - деди.

 

* * *

 

Ҳазрати Умар бир гуруҳ одамларни кўрдилар. Афтидан, улар қаердандир ейишга бирор нарса келишини кутаётган эдилар.

— Кимсизлар? Бу ерда нима қиляпсизлар? — деб сўрадилар Ҳазрати Умар.

Улардан бири:

— Бу ерда Қуръон ўқиймиз. Биз таваккул қилган бандалармиз. Аллоҳнинг берганига рози бўлиб, шукр қиламиз, — деди.

У бу гапи билан Ҳазрати Умардан олқиш олмоқчи эди. Аксинча, Ҳазрати Умар унинг гапидан ғазабландилар:

— Сизлар Аллоҳга таваккул қилган одамга ўхшамайсизлар. Аксинча, бошқача тааккул қилган (берсанг, ейман, урсанг, ўламан дейдиган) одамсизлар. Сизлар нон эмас, калтак ейишни истайсизлар, — дедилар ва ҳар доим ёнларида юрадиган асолари билан уларнинг гарданига туширдилар.

Сўнгра:

— Ҳеч қачон ризқингизни изламай туриб, "Аллоҳим, ризқимни бер, - дея дуо қилманглар. Осмондан олтин ё кумуш ёғиб қолмайди. Аллоҳ кимгадир бошқага берганидан кўпроқ беради. Нима Аллоҳнинг: "Энди қачон намоз адо қилингач, ерга тарқалиб, Аллоҳнинг фазлу марҳаматидан (ризқу-рўз) истайверинглар. Аллоҳни кўп зикр қилинглар, шояд нажот топурсизлар", деганини эшитмаганмисизлар?

Боягилардан хрч бири эътироз билдиролмади. Зеро, қаршиларида турган инсон давлат раҳбаригина эмас, балки исломни энг яхши тушунган одам ҳам эди. На хайдаб юбора оладилар, на илм жиҳатдан ундан устун эдилар. "Демак, таваккулни танбаллик деб нотўғри тушунибмиз-да", деб ўйлашди улар.

Энг ачинарлиси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳн ва саллам вафотларидан ҳали кўп ўтмай, мана шунака ботил фикрлар пайдо бўла бошлаган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қайси ишни аввал яхшилаб ўйлаб олмай туриб, таваккул йўлини тутдилар? Ахир Қуръонни Аллоҳнинг ўзи асрашини билатуриб, одамларга ёдлатиб, керак бўлса, ёздириб қўймаганмидилар? Бадрда ғалаба ваъда қилинганига қарамай, душманни ер тишлатиш учун қўлдан келган ҳар қанча тадбирни қўлламаганмидилар? Исломнинг қиёматга қадар туришни билсалар-да, ҳаётнинг турли тиканли йўлларида азоб-уқубатларига бардош бермаганмидилар?

Энди манави одамлар бир чеккага ўтириб олиб, "олма пиш, оғзимга туш", дейишни таваккул дейишяпти. Валлоҳу аълам, келажакда ҳали яна нималар юз беради?

Ҳазрати Умар:

— Эй Қуръон ўқиганлар, сизлар ризқингизни ўзингиз изланг. Одамларга юк бўлманг, — деб гапларини тугатдилар.

Буларни гапирар экан, Ҳазрати Умар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эсладилар: "Энг яхшиларингиз дунёсини ўйлаб, охиратини бир чеккага сурмаган, охиратини деб, дунёсидан воз кечмаганларингиздир". Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу муборак сўзлари Бухорий, Муслим ва бошқа ҳадис китобларида ишонарли санадлар орқали ривоят қилиниб, Каломуллоҳдаги амрларга уйғундир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жуда кўп марта: "Аллоҳим, бизга дунёда ҳам энг яхшисини, охиратда ҳам энг яхшисини бер. Бизни жаҳаннам азобидан ўзинг сақла", дуо қилмаганмидилар?!

 

* * *

 

Ҳаж тугагач, Ҳазрати Умар волийларни тўплаб, шундай дедилар:

— Маълумки, мен сизларни борган ўлкаларингиз аҳолисига зулм киласиз, уларни ҳақ-ҳуқуқларидан маҳрум этасиз, ҳе йўқ, бе йўқ, кўнгилларига озор етказасиз, арзимас хатолари учун қамайсиз, деб юбормаганман. Сизлар яхшилик ва фазилат пешқадамлари бўлишингиз лозим. Ҳақдорларнинг ҳақларини кечиктирмай беринглар. Уларни ҳайдаманглар. Ҳайдасанглар, уриб таналарини оғритган, шахсияти ва обрў-эътиборини оёқости қилган бўласизлар. Уларни кўп мақтаб ҳам юборманглар. Йўқса, талтайиб кетишади. Ана ундан кейин эркаликлари орқасидан келиб чиқадиган фитналарнинг олдини ололмай қоласизлар. Эшикларингиз улар учун очиқ бўлсин. Олдингизга келиб, дардларини, шикоятларини бемалол айтсинлар. Шунақа қилмасангиз, кучлилар заифларни эзади, сизлар эса бундан бехабар қоласизлар. Одамларни бир-биридан устун куйиб, айирманглар. Акс ҳолда, бир қисмининг ҳуқуқларини паймол этиб, адолатсизлик қилган бўласизлар.

Лаёқатсиз ва заиф кишиларни, қўрқоқларни жангга юборманглар. Жангда мағлубиятга сабабчи бўласизлар. Энди юртларингизга боринглар.

 

* * *

 

Абу Саид Мақбурий хотираларини шундай эслайди: "Мен бир қул эдим. Хўжайиним билан маълум миқдордаги пул эвазига озод бўлишни келишиб олдим. Яна қарзимни тўлагунча ҳар қурбон ҳайитида қўй ҳам бериб туришим керак эди. Қўлимга етарлича пул тушиб, уни ҳожамга олиб бордим. Лекин у қабул қилмади, бўлиб-бўлиб тўлашимни айтди. Ҳеч нарса демай, Ҳазрати Умарнинг ҳузурларига бордим ва вазиятни тушунтирдим. Йарфани чақирдилар.

— Манави пулни Байтулмолга топшир, — дедилар ва менга ўгирилдилар:

— Хожанг истаган пайт келиб, пулини олиб кетсин. Истаса, бўлиб-бўлиб, истаса, ҳаммасини бирдан. Сен эса озодсан.

Бир йилдан кейин молимнинг закотини олиб келдим.

— Байтулмолдан пул олдингми? — дедилар.

— Йўқ.

— Унда буни олиб кетавер, — дедилар Ҳазрати Умар. Шу тариқа олиб келган закотим билан олишим керак бўлган маошга ҳисобладилар. ("Ибн Саъд, Табақот").

 

Холид ибн Валид

 

Довюрак қўмондон, кураги ерга тегмаган паҳламон Сайфуллоҳ — Холид ибн Валид ажал шабадасига йўлиқди.

Жоҳилиятда ҳам, Исломни қабул қилгандан кейин ҳам мағлубият нималигини билмаган Холид ибн Валид фоний дунё билан видолашиб, Аллоҳ ҳузурига йўл олди.

Унинг онаси, Жаъфар ибн Абу Толибнинг хотини Асмо, Ҳамзанинг хотини Лубоба, Аббос ибн Абдулмутталибнинг хотини Лубобатул Кубро ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг завжаи мухтарамлари Маймуна бир оиланинг кизлари эдилар. Яъни, Маймуна онамиз Холидга хола бўлади.

Холид ибн Валид ҳижрий саккизинчи йили сафар ойининг бошларида Исломга кирган эди. Мусулмонлар сафидаги илк жанги мутъада мислсиз қаҳрамонлик кўрсатди. Ўшанда Холиднинг қўлида тўққизта қилич синди. Мадинада саҳобаларга жангдаги вазиятни гапириб ўтирган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Зайд ибн Ҳориса, Жаъфар ибн Абу Толиб, Абдуллоҳ ибн Равоҳаларнинг кетма-кет шаҳид кетганларини айтатуриб: "Энди туғни Аллоҳнинг қиличларидан бири олди", деб, бундан буён Холид "Сайфуллоҳ — Аллоҳнинг қиличи", деб сифатланишини маълум қилган эдилар.

Жуда иқтидорли бўлиш билан бирга, раҳбарларига эҳтиром кўрсатишни, фитна-фасоддан узоқ бўлишни ҳам биладиган Холид бош қўмондонликдан бўшатилганида қўшин олдида чиқиш қилиб:

— Сизларга умматнинг амини қўмондон этиб тайинланди, — деган эди.

Истаса қўлидан кўп иш келарди. Лекин у Абу Убайданинг қўл остида Ислом ва мусулмонларга хизмат қилишни катта шараф деб билди. Кечагина амрига мунтазир бўлиб турган Абу Убайданинг ёнида қўл қовуштириб туриш унга малол келмади.

Вафотига яқин кунларда кўзлари ёшланадиган бўлиб қолди.

— Ўлимдан қўрқаяпсанми, Абу Сулаймон, — деб сўрашди.

— Йўқ, — деди у. — Шунча жанг кўрдим, шаҳид бўлишни орзу қилардим. Баданимда қилич тегмаган, ўқ кирмаган, найза яламаган жой қолмади. Энди қўрқоқларнинг кўчасида байрам бўлади, чунки ортиқ Холидни кўришмайди. Холид мол-мулкини қуйидагича тақсимлади:

— Менинг бир отим ва қуролим бор. Отни уста чавандозга, қуролимни яхши фойдалана оладиган одамларга вақф қиламан. Бу ишни Умар ибн Ҳаттоб менинг номимдан қилсин.

Кураги ерга тегмаган моҳир жангчи ажал домига осонлик билан тушди. Холиднинг муборак руҳи Аллоҳ сари сафар қиларкан, Химс шаҳридан тахминан икки фарсах узоқликдаги қишлоқ замини азиз инсоннинг жасадини бағрига олди.

Холиднинг ўлими ҳақидаги хабар Мадинага етиб келгач, қариндошларидан бўлган аёллар унинг уйига тўпланиб, аза очди. Бу ҳақда Ҳазрати Умарга етказилганда, у киши:

— Ёқа йиртмай, сочларини юлмай йиғлашсин, — дедилар. (Ибн Касир, "Ал-бидоя")

 

Усайд ибн Ҳузайр

 

Ҳижратнинг 20-йили шаъбон ойида Мадина аҳли ғуссага тушди. Ботини зоҳиридан пок, зоҳири ботинидан гўзал бир инсон энди ёруғ дунёда яшамайди.

Абу Ҳурайранинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган уч жумлалик гаплари шу инсонга тегишли эди. Адаб ва фазилат соҳиби бўлган Жанобимиз шундай деган эдилар: Абу Бакр қандоқ яхши одам, Умар ибн Ҳаттоб қандоқ яхши одам, Усайд ибн Хузайр қандоқ яхши одам" (Ибн Саъд, «Табақот»).

Бунақанги гап ҳар ким ҳақида ҳам гапирилмайди. Айниқса, тиллари ботил гапни талаффуз қилмайдиган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бировни аслидагидан кўтариб ё камситиб гапиришлари умуман мумкин эмас. Усайднинг Ҳазрати Абу Бакр ва Умарлар билан биргаликда тилга олиниши унинг юқори мақом соҳиби эканидан даракдир.

Қачон, қаердан ва қандай кучда эсиши номаълум бўлган ажал ели бу сафар Усайднинг эшигини Қоқиб: "Қани, Пайғамбар дастурхонига марҳамат", дея ўлим шарбатини тутди. Усайд чорасиз шарбатни сипқориб, ҳар ким бир кун келиб қўшиладиган карвон аъзосига айланди.

Ўзидан кейин яхши хотиралар қолдирган Усайд иймони бут ҳолда: "Ўлим шарбатини тотиб, Аллоҳ ҳузурига қўрқмай йўл оламиз", дея ҳаёт билан видолашди. Шу тариқа умрининг сўнгги йигирма икки йилини иймон ва ислом йўлида сарфлаган яна бир азиз инсон Мадина аҳолиси рўйхатидан ўчирилиб, Бақиъ қабристони аҳлига бориб қўшилди.

Усайд хат-саводли, яхши суза оладиган, булардан ташқари, моҳир мерган ҳам эди. Араблар бу уч малака соҳибини "етук" деб атарди. Лекин Усайд ўзининг мард ва жасурлиги, фидокор ва самимийлиги билан ҳурмат қозонган эди. Унинг бу етуклиги наригиларидан афзалроқ эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳали Маккада эканликларида Мадинадагиларга Исломни ўргатиш учун Мусъаб ибн Умайрни юборган эдилар. Аммо у қилаётган ишлар Усайдга ёқмади. У Мусъабни Мадинадан ҳайдаб чиқариш мақсадида найзасини кўтариб, унинг олдига келди: "Ҳали оқу қорани танимайдиган ёшларимизни йўлдан урмасдан, яхшиликча шаҳримиздан кет", деди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам усулларини яхши ўрганган Мусъаб унга қуйидагича жавоб қилди:

— Беш-ўн дақиқа ёнимизда ўтириб, суҳбатимизга қулоқ, сол. Ёқмаса, истагингни бажо келтираман.

Мусъабнинг овозидаги самимият ва ширинсуханлик Усайдни ўтириб эшитишга ундади. Унинг сўзларини бир оз тинглаб, тиловат қилинган Қуръондан мумдек эриган Усайд кўп ўйланмай бир қарорга келди

— Шу динга кириш учун нима қилишим керак?

Мусъабни ҳайдаб солиш учун келган, аммо унинг хушхулқлиги туфайли гўёки уйқудан уйғонгандек бўлган Усайд қалбида куфрнинг тош қотган парчалари эриди, куфр ва ширк ботқоғидан чароғон олам томон қадам ташлади.

Усайд, аслида, Мадинада яшайдиган Авс қабиласининг бошлиғи эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан иккинчи марта Ақобада учрашган мўминлар орасида ҳам бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам танлаган ўн икки нақибнинг (вакил) бири Усайд эди.

Усайд Бадр жангида қатнаша олмади. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Бадрдан қайтаётганларида пешвоз чиқди: "Расулуллоҳ! Мен жанг бўлишидан бехабар қолибман. Билганимда жангга мен ҳам борардим". Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Тўғри гапирдинг", деб, унинг ичию таши бир хил холис мўминлигини эътироф қилган эдилар.

Бундан кейин Усайд жанглардан қолиб кетмаслик учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнларидан жой олиб, у зотдан бир қадам ҳам нари жилмади. Ухуд жангида кўпчилик бир тарафга ёпирилганда, ҳатто жанг майдонини тарк этганда, Усайд Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларида туриб, у кишини ҳимоя қилган оз сонли кишилардан бир эди. (Ибн Саъд «Табақот»)

Агар Ислом тарихида фақат яхши хотиралар қолдирган инсонларнинг рўйхати тузиб чикилса, Усайд бу рўйхатнинг илк қаторларидан жой олиши шубҳасиз.

Вафот этганида, ювмоқчи бўлганлар унинг баданида жуда кўп яра изларини кўришди. Бу яралар ўғрилик, каллакесарлик, йўлтўсарлик ёхуд иззат-нафс сабабидан орттирилмаган эди. Уларнинг ҳар бири Аллоҳнинг номи устун бўлиши, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Исломни мудофаа қилиш каби энг шарафли йўлда душман тарафидан қолдирилган эди.

Худо билади, қайси яра қайси мушрикнинг қиличи ёки найзасининг нишонаси экан. Ўша зарбалар Усайдни яралаш учун эмас, балки ўлдириб, маҳв этиш мақсадида урилган эди. Танадаги яраларнинг еттитаси Ухуд жангида орттирилган эди. Эртага бу яралар Илоҳий Маҳкамада тилга кириб, ҳар он унинг Аллоҳ йўлида қурбон бўлишга тайёр ҳолда яшаганига гувоҳлик беради. Агар гуноҳкор банданинг қўл-оёқлари, териси қилган номаъқулчиликларига шоҳидлик берса, Усайд ибн Хузайр ва унга ўхшаганларда бунинг акси бўлади.

Ювиш ва кафанлаш ишлари ниҳоясига етгач, Усайднинг жасади иккита тахта устига қўйилди. Шу дам Ҳазрати Умар келдилар:

— Уни елкамга қўйинглар.

— Ўзимиз олиб борамиз, мўминлар амири!

— Йўқ. Ўзим кўтариб боришни истайман. Қани, бўлақолинглар!

Одамлар келиб: "Бисмиллаҳи ва ъала миллати Расулиллаҳ" дея, Усайднинг жасадини Ҳазрати Умарнинг елкаларига ортишди. Абдул Ашхал аҳлининг кўз ёшлари имом Умарнинг елкаларида қайтмас сафарга чиққан азиз йўловчи учун тўкилди. Ортда аччиқ ва ширин хотиралар қолди. Усайд бу кун кетаётган эса-да, умрбод Абдул Ашхал халқининг қалбида яшайди. Зеро, у умр бўйи қурол кучи билан эмас, мардлиги ва фозиллиги билан Авснинг каттаси бўлди. Шундай инсоннинг орадан кетиши кўзларни намлаб, кўнгилларга титроқ солди.

— Чарчагандирсиз, мўминлар амири, изн берсангиз, биз ҳам кўтарайлик.

— Йўқ,. Чарчасам ҳам, ўзим кўтараман.

Ҳазрати Умарнинг бундай йўл тутишлари Усайдга бўлган ҳурмат ва муҳаббатдан эди. Қуёш тиғида қадрдон дўстини елкасида кўтариб йўлга тушган Форуқнинг соқоллари тер ва кўз ёшларидан ҳўл бўлди.

Орқадан келаётганлар йўқлиги ҳали анча вақтгача билинадиган Усайдга Аллоҳнинг раҳматини сўрар эканлар, кўзларидан дув-дув ёш тўкилар эди.

"Усайд"нинг маъноси "кичкина арслон", дегани. Лекин мусулмонлар буюк арслондан ажралишаётганини билиб туришарди. Бақиъ қабристонига кетаётганлар кўз ўнгида бир неча йил аввалги ширин хотиралар гавдаланди. Ўшанда икки дўст — бири шу онда абадий оламга йўл олмоқда — масжидга келиб, шом намозини ўқиб бўлиб: "Хуфтонни ҳам Расулуллоҳ билан ўқиб кета қолайлик", дейишди.

Хуфтондан кейин бир оз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан суҳбат қурган бу икки бахтиёр кимса тун қоронғусида уйлари томон йўлга тушишди. Йўлда биттасининг қўлидаги асодан нур таралиб, йўлни ёрита бошлади. Худди шамчироққа ўхшаб! Манзилга яқинлашиб, икки дўст ўз уйи томон йўл олишгач, нур ҳам иккига бўлиниб, манзилларига етиб олишгунча сўнмади. Буюк Қудрат Соҳибининг икроми бўлган бу воқеа Аббод ва Усайднинг хотираларида бир умр муҳрланиб қолди.

Одамлар Усайднинг шундай деганини эслайдилар: "Мен Қуръонни тинглаб ёки ўқиб, ундан ҳосил бўлган ажиб завқ билан яшашни истайман. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хутба ўқиётганларида ундан ҳосил бўлган ажиб туйғуларим билан яшашни истайман. Мен бир жаноза ортидан юргандаги орзиқиш туйғуси билан яшашни истайман".

Бу орзу-ниятлар самимий эди. Усайд ҳар доим ҳам шу ҳис-туйғулар билан яшолмаса-да, шундай яшашга ҳаракат қиларди.

Усайд кетганларнинг охиргиси эмасди. Бугун унинг ортида қолганлар эртага у босган изларни босадилар. Бир нарса аниқ эдики, иймон ва кўнгил кишиси энди орада йўқ. Унинг каби бўлиш яна бирон кимга насиб қилармикан?

Жамоат шу туйғулар ичида қабристонга кириб борди. Ҳазрати Умар ҳар қадамида ажру савобга ноил бўлган шунча йўлдан кейин дўстининг жасадини елкасидан туширди. Ўзлари жанозага имомлик қилдилар. Ниҳоят Усайднинг муборак вужуди лаҳадга қўйилиб, ҳозир бўлган малакларга топширилди.

Усайднинг тўрт минг дирҳамлик қарзи бор эди. Ерларини сотиб қарзини тўлашмоқчи бўлишди. Бундан хабар топган Ҳазрати Умар унамадилар:

— Дўстимнинг аҳли оиласини ночор ҳолда ташлаб қўймайман.

Ердан олинган ҳосил сотилиб, минг дирҳам келиб тушди. Ҳазрати Умар қарз берганларни чақириб, ҳар йили минг дирҳамдан тўлаб боришини таклиф этдилар. Улар рози бўлишди. Шу тариқа тўрт йил мобайнида қарзлар тўланиб бўлди. ("Табақот")

Аллоҳим, сен Усайдга раҳматинг билан муомала қилишингга шубҳа йўқ. Лекин уни жонидан ортиқ кўрганлар, ортидан кўз ёш тўкиб, қалби орзиқанлар бор... Ўшаларни ҳам чексиз раҳматингдан бенасиб қолдирма! Омин!

 

Абу Суфён ибн Ҳорис

 

Ҳижрий 20-санада Абдулмутталиб авлодининг кўз ёши тинмади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг катта амакилари Ҳориснинг ўғли Абу Суфён ҳам омонатини топширди.

У Макка фатҳидан бир неча кун аввал ислом душманларининг олдинги сафида туриб фаолият кўрсатган ва шеърлар битиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қаттиқ озор берган эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ўша фатҳга қадар икки кишидан ранжиган эдилар. Улардан бири Қурайшнинг раиси бўлса, бошқаси амакиваччалари эди. Шу даражада ранжиган эдиларки, Маккага яқинлашганларида:

— Эй Аллоҳнинг расули, Абу Суфён ва Абдуллоҳ ибн Умаййа Исломга киришди. Сизнинг зиёратингизга келиб, кечирим сўрашмоқчи, — дейишганда рози бўлмай, келишларига рухсат бермаган эдилар.

Шунда Умму Салама онамиз орага тушиб:

— Ахир улар сизнинг қариндошларингиз. Кечирақолинг, — деганларида, Жанобимиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

— Улардек қариндошларим йўқ, — деб жавоб қилдилар.

Ҳаётларида ҳали ҳеч кимга нисбатан бундай демаган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу билан улардан қай даражада хафа эканликларини ошкор қилган эдилар.

Бироқ Умму Салама онамиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни Абдуллоҳ ибн Умаййа билан Абу Суфённи кечиришга кўндирдилар.

Шундан кейин чин мусулмон бўлишга ҳаракат қилган Абу Суфён Ҳунайнда катта жасорат кўрсатди. У Ислом қўшини пароканда бўлган пайтда отларини душман қўшини томон сурган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларидан жой олган икки инсоннинг бири эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳеч кимга қилмагани совуқ муомалаларинг айнан Абу Суфёнга қилганларининг жиддий сабаби бор эди. Ваҳий келмасдан аввал ўрталарида яқин қариндошлик-дўстлик ришталари бор эди. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам янги дин ҳақида оғиз очганларидан кейин ишонган тоғлари ашаддий душманлик қилишга ўтди. У тез-тез Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва мўминларни мазах қилиб ҳажвий шеърлар битарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан шу даражада тўйган эдиларки, ҳатто масжидда курси қўйдириб, Абу Суфёнга жавоб ёзган Хассон ибн Собитни чақириб: "Сўйла, Ҳассон. Жаброили амин сен билан биргадир", дея уни қўллаб-қувватлаган дамлари ҳам бўлган.

Абу Суфён Бадр жангида тирик қолиб, Маккага биринчилардан бўлиб қочган эди. Жанг тафсилотларини эшитиш учун таёғига таяниб келган Абу Лаҳаб жияни Абу Суфённинг гапларини эшитиб паришон бўлди: "Амакижон, Худо ҳаққи, биз улар билан урушганимиз йўқ. Шундоқ ортимизга ўгирилдигу қочиб қолдик. Улар баъзиларимизни ўлдириб, баъзиларимизни асир олишди. Уларнинг ортида қандайдир от минган, қанотли жонзотлар бор эди. Нималигини билолганим йўқ. Уларга етиб олиш, куч синашиш, ҳатто улардан қочиб қолишнинг ҳам имкони йўқ эди".

Абу Суфён ҳаётининг сўнгги ўн икки йилини исломиятда яшади. Пайғамбаримизнинг: "Ислом аввалги гуноҳларни кетказади", деган гаплари худди Абу Суфён учун айтилгандек эди. У Исломни қабул қилгунча, кўп одамнинг бошига ит азобини солди. Лекин мусулмон бўлгач, хавас қилгудек умр кечирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вг салламнинг: "Ҳамза қолдирган бўшлиқни тўлдирасан, деган умиддаман", деганлари аввалги ака-укачилик ҳаётини бошланишидан дарак эди.

Хандақ жангини кўрганлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Ҳазрати Алига қилич тутказиб, Амр ибн Абду Вадга қарши чиқарарканлар: "Аллоҳим, Бадрда Убайдани, Ухудда Ҳамзани олдинг. Алини менга бахшида эт", деганларини яхши эслашади. Дуода номи зикр қилинган Убайда Абу Суфённинг иниси эди. Абу Суфён мусулмон бўлиб, Убайданинг соғинчини кетказиб, аламни бартараф қилди.

Умрининг сўнгги йилида ҳаж қилган Абу Суфён эхромдан чиқаётганда соч олдираркан, бирдан сергак тортди. Бошидан каттагина эт парчаси кесилиб кетган эди. Яхшигина қон йўқотган Абу Суфён ҳаждан қайтгач, тўшакка михланди. Ниҳоят, бир куни ортидагиларни армонда қолдириб, охират оламига рихлат қилди. Бундан тўрт ойча аввал иниси Навфал ҳам вафот этиб, Абдулмутталиб хонадонини мотамга кўмган эди.

 

Сафиййа бинти Абдулмутталиб

 

Ўлим куни, унинг вақти ва жойи ҳеч кимга маълум эмас. Одамлар бир куни Зубайр ибн Аввомнинг кўзларидан оқиб, соқолини юваётган ёшларини кўриб ҳайратда қолдилар. Шу пайтгача қанчадан-қанча қонли муҳорабаларда қатнашган, ҳаётини кўп маротаба жон бозорига олиб чиққан бу жасур инсонни нима йиғлатди экан?

— Тинчликми, Зубайр? Нима бўлди? .

— Онам... Онам энди йўқ. Аллоҳнинг раҳматига қовушди. Ҳазрати Сафиййа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аммалари ичида ягона иймон келтиргани эди. Бунга шубҳа йўқ. Баъзи ривоятларга кўра, Арва ва Отиқа исмли аммалари ҳам мусулмон бўлишган.

Ислом тарихида илк маротаба жангда эркак душманни ўлдирган аёл ҳикоямиз қаҳрамони Сафиййа бўлади. Хандақ жангида аёллар ўтирган уй атрофида яширинча айланиб юрган яҳудий унинг қиличи остида боши кесилган эди.

Ҳазрати Сафиййа бир пайтлар Абу Суфённинг укаси Ҳорис билан турмуш қурган, ундан кейин Аввом ибн Хувайлидга теккан, Ислом тарихида ўзига хос ном қолдирган ва ҳаётлик чоғидаёқ жаннат муждасини олган Зубайр ибн Аввом шу турмушдан дунёга келган эди.

Абдулмутталиб авлодларидан бўлган Муқаввим, Ҳажл ва шаҳидлар сардори Ҳазрати Ҳамза билан Сафиййа бир онадан дунёга келишган. Оналарининг исми Хола бинти Вуҳайб ибн Абдуманнофдир.

Ҳижратнинг йигирманчи йилида етмиш уч ёшида вафот этган Сафиййа розийаллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан тенгдош бўлса керак. Пайғамбаримизнинг баъзан "Сафиййа", баъзан "Аммажон", дея мурожаат қилишлари фикримизга далилдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу аммаларини жуда яхши кўрганларига шубҳа йўқ.

Ювиб кафанланган Ҳазрати Сафиййа кўпгина саҳобаларни бағрига олган Бақиъ қабристонига келтирилди. У кираверишдан чапга эллик қадам юргандан сўнг, деворнинг шундоқ ёнгинасига дафн этилди (раҳматуллоҳу алайҳо ва авлодиҳо).

 

Билол ибн Абу Рабоҳ

 

Ҳижратнинг 20-йили Ҳазрати Билол учун бошқача, мўминлар учун бошқача сана бўлади. Чунки у оғриб қолиб, ҳаётдан умидини узган эди. Энди Билолга йиғлашдан ўзга чора йўқ.

— Ўлимдан шунчалар қўрқасизми, Билол?

— Йўқ! Бундай фикрни асло хаёлингизга келтирманг. Мен ҳаётим тугаб бораётгани учун эмас, дўстларим дийдорига мушарраф бўлиш севинчи туфайли йиғлаяпман. Ахир неча йилдан бери айрилиқда бўлган севганим ёнига кетяпман.

Ҳа, у иймон келтирганидан бери ошиб борган муҳаббат боғлаб турган Саййидул анбиё соллаллоҳу алайҳи ва саллам истиқболи умиди билан обидийда қилмоқда эди.

Ҳазрати Билолнинг кўзига Расулуллоҳ вафотларидан кейин дунё қоронғу кўриниб қолган эди. Мадинани тарк этиб, Шом тарафга жиҳод қилгани кетмоқчи, лекин Абу Бакр рухсат бермаганлари учун пойтахтда қолган эди. Билол ўн йиллик айрилиқдан сўнг, ниҳоят, висол онлари ҳам етиб келганини ҳис қилди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни унга: "Тушимда жаннатга кирибман, у ерда сенинг оёқ кийимларинг товушини эшитдим", деган эдилар. Ҳазрати Билол кўпроқ Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мана бу гапларини эсларди: "Инсон севгани билан бирга бўлади".

Билол Аллоҳни севарди. Аллоҳ учун Расулуллоҳни севарди. Ҳеч бир севги Аллоҳ ва Расулининг севгисидан устун келмаган. Бошқа ҳар қандай севги ёки нафрати доимо Аллоҳ ва Расулининг севгисига йўл берган. Билол ўн йил давом этган ҳижронда бир кун ҳам севгилисини унутмади. Бошини ёстиққа қўйганда ҳам у билан бирга бўлар, уйқудан уйғонганда ҳам ақлига биринчи бўлиб келадиган унинг тимсоли эди. Мана шу хаёллар ва севги туфайли тушларида ҳам фақат у зотни кўрарди. Бир суҳбатда Пайғамбаримиз ҳақларида сўз бораркан: "Бирор кеча йўқки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни тушларимда кўрмасам", деган эди Билол. Шундай экан, ўлим у учун севимли кишисига етиштирадиган хайрли йўл эди. Тез орада ўлим фариштаси келиб, унинг жонини олади ва Саййидул анбиё ҳузурига олиб боради. Ниҳоят, кутилган дамлар келди. Унинг муборак жасади яхши-ёмон одамларни бағрига олган "Бобуссағир" ёнидаги қабристонга кўмилди.

 

Хотиралар

 

Бир куни Салама бозор айланиб юрган эди. Бозорчилар жойларини тозаламай кетганларидан тартибсиз бир аҳволда эди. Шу пайт бозорга кириб келган Ҳазрати Умар Саламанинг у ерда юрганини кўриб, қўлидаги асони у томон кўтардилар ва: "Манави ерни тозалаб қўй", дедилар. Асо Саламага тегмади, фақат кийимини ялаб ўтди.

Саламанинг фикрича, бу ишни буюриш учун Ҳазрати Умар қўл кўтаришлари шарт эмасди. Шунчаки "Қил! " деганларида ҳам бажону дил қилиб қўярди. У бозорни тозалаб, кейин кетди.

Орадан бир йил ўтиб, ўша воқеа Саламанинг ёдидан кўтарилди. Бир куни у Ҳазрати Умарни кўриб қолди:

— Бу йил ҳаж қилиш ниятинг борми, Салама?

— Ҳа, мўминлар амири, бу йил Байтуллоҳни зиёрат қилишни дилимга тукканман.

— Унда мен билан юр!

Ҳазрати Умар Саламани уйларига бошлаб келдилар ва қўлига олти юз дирҳамлик ҳамён тутқаздилар.

— Буни ҳажнинг ҳаражатларига сарфларсан, — дедилар Ҳазрати Умар, — яна шуни ҳам билиб қўйки, бу пул ўтган йили сени урганим учун.

— Мўминлар амири, нима ҳақида гапираётганингизни эслолмадим.

— Мен эса унунтганим йўқ. («Тарихи Табарий»)

 

* * *

 

Абу Сулаймон исмли бир одам шундай деган эди: "Мадинага кириб, дуч келган эшикдан ичкарига кирдим. Қарасам, Умар эски-туски кийимларни кийиб олиб, туяларга ем берарди. («Тарихи Табарий»)

 

* * *

 

Ҳазрати Умар Утба ибн Абу Суфённи Кинона қабиласига закот йиғиб келишга юбордилар. Утба қайтиб келгач, тушган молларни топширди.

— Манавилар-чи, Утба?

— Кетаётганимда тижорат мақсадида озгина маблағ олиб кетган эдим. Ўша ерда тижорат қилиб, шуларни ишлаб топдим.

Утбанинг гапи Ҳазрати Умарга ёқмади.

— Бунақа вазифани бажаришга кетаётиб, ўз молингни бирга олиб кетсанг, яхши бўлмайди, — дедилар ва молларни Байтулмолга қўшиб юбордилар.

Орадан вақт ўтиб, Ҳазрати Усмон даврларида шу мавзуда гап очилганда, у киши Абу Суфёнга:

— Умарнинг Утбадан олган мол-мулкини, истасанг, қайтариб бераман, — дедилар. Абу Суфён бунга унамади:

— Сен ўзингдан аввал ўтган сафдошингга қарама-қарши иш қилсанг, одамларнинг сен ҳақингдаги фикрлари ўзгаради. Бу яхши эмас. Иложи борича, ўзингдан аввалгилардан фарқли йўл тутма. Чунки сендан кейингилар сендан фарқли иш қилишади.

 

* * *

 

Алпқомат кўринишга эга бўлган Ҳазрати Умар Мадина кўчаларини айланиб юрган эдилар. Йўлда ўйнаётган болалар у кишини кўриб, жуфтакни ростлашди. Фақат бир бола қочмай, жойида тураверди. Ҳазрати Умар довюрак болакайнинг ёнига келиб, нега қочмаганини сўрадилар:

— Айб иш қилмаганман, қолаверса, йўл ҳам сиз ўтолмайдиган даражада тор эмас, — дея жавоб берди болакай.

Ҳазрати Умар унинг жавобидан хурсанд бўлдилар. Аста бошини силаб, сўрадилар:

— Кимнинг ўғлисан, исминг нима?

— Зубайр ибн Аввомнинг ўғли Абдуллоҳман.

 

* * *

 

Ҳазрати Умар нутқларининг бирида шундай деганлар:

— Кучли бўлиш бугуннинг ишини бугун қилиб, эртага қолдирмасликдир. Ишончли одам бўлиш учун эса, ботинни зоҳир билан бир қилиш керак. Эй одамлар, Аллоҳдан қўрқинглар, Аллоҳдан қўрқиш Унинг таъқиқларига бўйсуниш билан бўлади. Ким художўй бўлса, Аллоҳнинг паноҳидадир.

Аллоҳнинг китобини ўрганинглар, таниласизлар. Ўрганганингизга амал қилинглар, Қуръон аҳлидан бўласизлар.

 

* * *

 

Ақлли инсон яхшиликни ёмонликдан ажрата олган одам эмас. Ҳақиқий ақл соҳиби, иккита ёмон ишдан қайси бирининг зарари кўпроқ эканини билолган одамдир.

 

* * *

 

Дининг бўлса, ҳурматинг бор, дегани. Ақлинг бўлса, ўзлигинг ва насабинг бор, дегани. Яхши хулқинг бўлса, мурувватинг бор, демак. Булар йўқ бўлса, эшакдан ҳам ёмон, дегани.

 

* * *

 

Зиёратларига келган бир одамга:

— Қавмингни каттаси ким? — деб савол бердилар.

— Мен.

— Бекорларни айтибсан, агар ҳақиқатда каттаси бўлганингда, ҳозир "мен" демаган бўлардинг.

 

* * *

 

Уч нарса дўстингга бўлган муҳаббатингни унинг юрагига янада яқин қилади. Ундан олдин салом беришинг, ўзи яхши кўрган исм ёки лақаби билан чақиришинг, йиғилишларда унга жой олиб қўйишинг.

 

* * *

 

Бир куни Ҳазрати Умар шоир Набиға Жаъдийнинг олдига бордилар. У анча қариб қолган эди.

— Шеърларингиздан бир ўқиб берсангиз.

Набиға ўқиб берди.

— Шу шеърлар сизникими?

— Ҳа, меники.

— Мен Хаттобнинг туяларини ўтлатиб юрганимда бу шеърларни қанча такрорлаганимни билсайдингиз.

 

Тили кесилган шоир

 

Ҳазрати Умар бир куни шоир Хутайъани ҳузурларига чақиртирдилар. Бу одамга тилни тийишни ўргатиб қўйиш керак эди. У шеър ёзиб, мусулмонларнинг устидан куларди. Ҳазрати Умар эса бундан кўз юма олмасдилар.

Хутайъа қўрқиб келган жойидан кулиб чиқиб кетди. Қўлида уч ярим минг дирҳамлик пул ҳам бор эди. Эвазига ҳеч кимнинг иззат-нафси ва номусига тил теккизмайди, мусулмонларни ранжитадиган гап айтмайди. Агар у халифа ҳузурида берган сўзида турмаса, бошқа чора кўрилиши маълум қилинган эди.

— Эшит Хутайъа, мен бир пайтлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Абу Аззага омонлик берганларини кўрганман. Лекин у ваъдасига вафо қилмай, иккинчи марта қўлга тушганида ва тилини тийиб юришини айтганида, Расулуллоҳ унга шундай деган эдилар: "Йўқ, Абу Азза, энди юзингни Каъбага суриб, яна Муҳаммадни алдадим деёлмайсан. Чунки мусулмон бир илонни икки марта босмайди". Ҳа, Хутайъа, агар бу пул жим қилолмаса, Хаттобнинг ўғли чакагингни ўчиришнинг бошқа йўлларини ҳам билади".

Ҳазрати Умарнинг қатъият билан айтган бу гаплари Хутайъа учун етарли бўлиши керак. У оқни қорадан ажрата оларди. Ундан кейин: "Йўқ, мен бошимни кундага қўйиб бўлса-да, бировнинг шаънига ёмон гаплар айтавераман", деёлмас, айниқса, қўлига тутказилган уч ярим минг дирҳамдан воз кечолмасди.

У Ҳазрати Умарнинг жиддий одамлигини биларди.

 

* * *

 

Ўша замон матбуот органи ҳисобланган шоирни тийиб қўйиш тўғримиди? Миллат тилини тамсил қилган одам гапиролмаса, бу қандоқ бўлди? Бу жиҳатдан унга эркинлик бериш тўғри эмасмиди", деган каби эътирозлар ноўриндир. Чунки Ҳазрати Умар шеърни яхши кўрардилар. У киши: "Болаларингизга шеър ўргатинг. У араб миллатининг маданий меросидир", деганлар. Гоҳида ўзларича шеър ўқир, шоирларни чақириб, улар билан суҳбат қурар, шеърларини тинглар эдилар. Лекин "Шеър айтяпман деб, инсонларнинг иззат-нафсига теккан, адолатсиз гапларни айтган шоирлар ҳам жазосини олиши, қолаверса, уларда ҳам масъулият ҳисси бўлиши керак.

 

Ҳазрати Аббоснинг ўтитлари

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дуоларини олган Абдуллоҳ ибн Аббос ёш бўлишига карамай, ўша дуонинг баракоти билан кўпгина саҳобалардан илм бобида ўзиб кетди. У Қуръонни яхши биларди. Шу сабаб Ҳазрати Умар уни мажлисларда ёнларига ўтқазардилар.

Ўғличалик билим эгалламаган, лекин яхшигина ҳаёт тажрибасига эга бўлган Ҳазрати Аббос буни мамнуният билан қарши олса-да, ёшлари орасидаги анча фарқ бўлишига қарамай, Ҳазрати Умарнинг унга ўз тенгдошидек муомала қилишлари, баъзида савол сўраб, раъйини билишлари Абдуллоҳнинг мағрурланиб кетишига, ёшлигига бориб, эҳтирос ичида хатолик содир этиб кўйишига сабаб бўлмасмикин, деб андиша ҳам қиларди.

Ҳазрати Аббос бир куни ўғлини ёнига чорлади:

— Ўғлим, эшит, Умарнинг ҳурмат билан мажлисларда сени тўрга ўтқазаётганини кўрдим. Ақлингни йиғ! Хато қилиб қўйма! Сенга озгина панд-насиҳатим бор. Айтганларимга риоя қилишингни истайман. Умарнинг сенга айтган сирини зинҳор бировга айтма. Унинг ёнида бировнинг ғийбатини қилма. Ёлғон гапирма. Буюрганларини сўзсиз бажар. Унга хиёнат қилишни хаёлингга ҳам келтирма.

Булар Абдуллоҳга айтилган ўгитлар эса-да, Ҳазрати Умар учун ҳам яхши натижалар келтирарди.

Абдуллоҳ отасининг ўгитларига содиқ қолиб, орадан анча йил ўтиб, хотираларини айтиб бераркан, шуларни ҳам эслади. Уни тинглаган Имом Шаъбий бу ўгитларнинг ҳар бирини минг тиллодан ҳам афзал санаб, ёзиб олади.

Зар қадрини заргар билади. Абдуллоҳ ибн Аббоснинг қадрини ҳам Ҳазрати Умардек чуқур илм ва бебаҳо тажриба эгаси биларди. Зеро, бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тушларида бир коса сут ичганларини ва қолганини Ҳазрати Умарга узатганларини айтган, тушларининг таъбирини сўрашганида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Илмга йўйдим", деган эдилар.

 

Хотиралар

 

Бир кеча Ҳазрати Умар Мадинани айланарканлар, бир аёлнинг йиғлаётганини эшитдилар. Аслида бу йиғи эмас, кўпрок, дод-фарёдга ўхшарди. Аёл жон аччиғида бақираётган эди. Ҳазрати Умар овоз келаётган тарафга югурдилар. Чодир олдига келиб, ичкарига бош суқдилар.

— Нима гап, қизим? Нега йиғлаяпсан?

— Кўряпсиз-ку, дард тутиб қолди. Ейиш-ичишга ҳеч нарса йўқ. Аҳволим чатоқ, оғриққа зўрға чидаяпман. Ёрдам берадиган одам ҳам йўқ.

Ҳазрати Умар кўз ёшларини тия олмадилар. Уйларига шошилдилар. Эшикдан кира солиб, аёллари Умму Гулсумга:

— Бир яхшилик қилмайсанми? Аллоҳ бунинг учун сенга ажр-савоб берди, — дея вазиятни тушунтирдилар.

— Хўп. Вақтни ўтказмай борайлик унда.

Ҳазрати Умар озгина ун ва ёғ, Умму Гулсум эса зарур ашёларни олиб, аёлнинг ёнига шошилишди. Умму Гулсум чодирга кириб кетди. Ҳазрати Умар аёлнинг эри билан ташқарида кутиб турдилар.

Бир оз ўтиб ичкаридан Умму Гулсумнинг овози эшитилди:

— Мўминлар амири, шеригингизга хушхабар беринг, ўғилли бўлди!

Хушхабарни эшитган эр севиниш ўрнига кўпроқ шошиб қолди.

— Мўминлар амири, мен сизни оддий одам деб ўйлабман, — дея қайта-қайта узр сўрар, халифага кўрсатилиши керак бўлган ҳурматни жойига қўя олмагани учун уялаётган эди. Ҳазрати Умар уни хижолатдан қутқардилар:

— Қўявер, аҳамияти йўқ.

Зотан, аҳамияти бўлганида, энг аввал ўзлари танитардилар. Кийинишда, ўзини тутишу муомалада доимо оддий инсонлар қатори бўлишга интилган Ҳазрати Умар ўзларини танитмасалар, у одам ямоқли кийим кийиб олган бу кишининг халифалигини қайдан ҳам билсин?

 

* * *

 

Ҳазрати Умар жуда эпчил одам эдилар. Масалан, бир қўллари билан отнинг қулоғини, бошқаси билан ўзларининг қулоқларини ушлаб туриб, отга мина олардилар.

 

* * *

 

Мен учун энг севимли киши хато ва нуқсонларимни айтган инсондир!

 

* * *

 

Бирор нарсадан ғазабланганларида Буюк Парвардигор эслатилса ёки "Умар, Аллоҳдан кўрқ", дейилса, ёхуд ояти карима ўқилса, жаҳл устида қилмоқчи бўлган ишларидан тийилардилар.


Qayd etilgan


AbdulAziz  01 Mart 2010, 10:26:27

* * *

Ҳазрати Умар бир куни Қуръон ўқиётган одамни кўрдилар. У киши кўзларини юмиб олиб, бутун борлиғи билан ўқиётган эди. У зот шу оятлар оҳангига чўмдилар. Шу даражада берилиб тингладиларки, гўё бутун олам бўйлаб фақат Аллоҳнинг каломи янграр эди. У одам Тур сурасини тиловат қиларди: "Парвардгорингнинг азоби, шубҳасиз, албатта воқеъ бўлгувчидир. Унинг учун бирор дафъ килувчи — тўсиқ йўқдир". Одамлар шу тоб Ҳазрати Умарнинг ерга қулаганларини кўриб қолишди. Дарҳол уйларига олиб бориб ётқизишди. Оз вақт ўтиб, Ҳазрати Умар ўзларига келдилар, тилларида: «Инна азаба роббика лавақеъ», оятини такрорларди.

Шундан кейин ўша кунги ҳолат бир ой давом этиб, Ҳазрати Умарнинг юзларида қўрқув, даҳшат ва ҳаяжон гоҳ-гоҳида зоҳир бўлиб турди.

 

* * *

 

Ҳазрати Умарни доим уммати Муҳаммад олдидаги масъулияти ўйлантирарди. Баъзан йиғлай туриб: "Фурот қирғоғида бир туя йўқолса, Аллоҳ унинг ҳисобини Умардан талаб қилади", дердилар. Бу шикоят эмас, масъулиятни ҳис этиб айтилган гап эди.

 

* * *

 

Ҳазрати Умар гоҳида ўзларини ҳисобга тортиб, қилган-қилмаган ишларини кўз олдларига келтирар, ҳаёт ҳисоб-китобли эканини тез-тез ўйлар эдилар. Ўша пайт ичларида нимадир чирт узилар, "Ҳаётнинг қадрига етмадим", дея ачинар эдилар. Ердан бир сомонни олиб, у ёқ-бу ёғини айлантириб, шундай дердилар:

— Қанийди, мен шу сомон ўрнида бўлсайдим, қанийди, ҳеч нарса бўлсайдим. Қанийди, онам мени дунёга келтирмасайди. Қанийди, ўзи каби номи ҳам унутилиб кетадиган оддий одам бўлсайдим...

Бу гаплар адабиёт дурдоналари эмас. Ўзини кўрсатиш учун гапираётган риёкорнинг гапи ҳам эмас. Зеро, Ҳазрати Умар буларни гапираётганларида ёнларида кимдир бор-йўқлигига қараб ўтирмасдилар. Юқоридагиларни: "Аллоҳ ҳузурида ҳисоб беришдан олдин, ўзингизга ҳисоб беринг. Амалларингиз илоҳий тарозуга қўйилмасдан олдин, уларни ўз тарозингизда тортиб кўринг. Буюк ҳисоб-китоб кунига тайёр туринг", деган ва шуларни ҳаёт тарзига айлантирган инсон айтаётган эди.

 

* * *

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик чоғларида ҳузурларига бориб:

— Расулуллоҳ Хайбарда унумдор ерим бор. Менимча, бундан яхшироқ мулким йўқ. Шу ерни нима қилишимни маслаҳат берсангиз? Истасангиз, ернинг ўзи менга тегишли бўлиб қолаверади, ундан олинган ҳосилни Аллоҳ ризоси учун садақа қиламан. Ё бўлмаса, бутунлай садақа қилай, — деб сўраган эдилар.

Ҳазрати Умар ўша ерларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўрсатмаларига биноан бошқа бировга сотмаслик, ҳадя қилмаслик, фарзандларига мерос қолдирмаслик шарти билан садақа қилдилар. Бунга "вақф" дейилади. Ердан тушган даромад мискинларга, Ҳазрати Умарнинг қариндошларига, қулларни озод қилишга, мусофирларга ва умуман Аллоҳнинг йўлида сарфланадиган бўлди.

Бу ерга қараб турадиган одам ўзлаштириши мумкин эмас, аммо ҳосилидан ейишига, меҳмонга келганлар олдига қўйишига ижозат бор эди.

Шу тариқа Ҳазрати Умар тарихда илк вақф қилган инсон сифатида ҳам қоладиган бўлдилар. У киши бошлаб берган бу йўлни юз йиллар мобайнида яна минглаб инсонлар ҳам босиб ўтиб, инсоний ва исломий фикрлар ўз соҳибини малакларга хос гўзалликларга ноил қилишини исботлаб беришади.

 

* * *

 

Ҳазрати Умар бир куни ҳажжомни чақиртирдилар. Бошларидан қон олдирмоқчи эдилар. Ҳажжом ишни энди бошламоқчи ҳам эдики, Ҳазрати Умар аксириб юбордилар ва пичоқ бошларини кесиб кетди. Ҳажжом қўрқанидан учиб тушди. Лекин Ҳазрати Умар унга қирқ дирҳам бериб, жўнатиб юбордилар.

 

* * *

 

Ҳазрати Умар имомликка ўтганларида ортларида Қуръонни яхши биладиган биттаси бўлишини истардилар. Мабодо, ўқиётган оятларида тўхтаб қолсалар ёки бир оятни тугагунча ўқиёлмасалар, ортларидаги инсон луқма ташлаб, ёдга солиб қўярди.

Баъзан "ат-тахиййот"дан кейин ўрниларидан туришни унутсалар, ортларидаги одамнинг ишораси билан турардилар, гоҳида сажда қилишни унутсалар, ишора билан саждага кетардилар.

 

* * *

 

Бир куни суҳбатда дўстларига:

— Худо хоҳласа, яшаб турсам, бир йилимни бошқа одамлар орасида ўтказаман. Инсонларда Мадинагача олиб келолмайдиган муаммолари бўлса керак, деб ўйлайман. Менимча, улар волийларга етказсалар-да, волийлар менга айтишмайди. Икки ой Шомда тураман, одамлар дардини тинглайман. Сўнгра Жазирага (Фурот ва Дажланинг юқори қисми) бориб, у ерда ҳам икки ой туриб келаман. Кейин Миср, Баҳрайн, Куфа, Басрага ҳам бориб, икки ойдан туриб келаман, одамлар билан мулоқот киламан. Валлоҳи, бу мен учун жуда яхши, баракали йўл бўлади, — дедилар.

У киши яна одамларнинг маошини жамиятдаги ўрни ёки иймон келтирган-келтирмаганига қараб эмас, қандай инсон эканига қараб тайин қилишни режалаштирган эдилар. Афсуски, бу орзуларининг рўёбга чиқишига бир сабаб халақит бериб қолди...

 

* * *

 

Ҳазрати Умар ҳузурларига келтирилган ўғрининг қўлини кесишни буюрдилар. Ўғри ҳам ўзини ҳимоя қилишнинг бошқа йўлига ўтди:

— Қўлимни кесишга ҳаққингиз йўқ, Мен қадар (тақдир) қурбониман, ахир. Ўша қадар мени ўғирлик қилишга мажбур этди.

Ҳазрати Умар хотиржамгина:

— Албатта! Бизни ҳам қўлингни кесишга мажбур қилган ўша қадардир, — дея жавоб қилдилар.

 

* * *

 

Ҳазрати Умар бир одамни асолари билан урганларида у беихтиёр:

— Қусай! Қаердасан, келсанг-чи! — деб бақириб юборди.

Бу жоҳилият бақириши эди. Унинг ёнида турган Абу Суфён:

— Эй болам, бир пайтлар шунақа бақирсанг, чақирган одамларинг келарди... — деди.

У бу гапи билан ўша кунларни устун қўяётгандек эди. Ҳазрати Умар уни:

— Ўчир! Отасиз қолгур! — дея тўхтатдилар. Абу Суфён оғзини юмди ва қўлини лабларига босиб, "Мана, ёпдим", дегандек ишора қилди.

 

* * *

 

Ҳазрати Умар кўз кўриб, қулоқ эшитмаган воқеалар гувоҳи бўла бошладилар. Бир аёл иддаси тугамай, турмушга чиқибди.

Аёлнинг исми Тулайҳо Асадиййа эди. Эри Рушайд уни талоқ қилганидан кейин шаръан ўтиши керак бўлган муддатни кутиб ўтирмай, бошқасига эрга тегди. Ваҳоланки, у ажрашган эридан ҳомила бор-йўқлигини аниқлаши, бўлса, бола туғилгунча кутиши лозим эди. Ҳазрати Умар:

— Икковини ҳам олиб келинг, — дедилар. Тулайҳо билан эри олиб келинди.

— Турмуш қурдингларми?

— Ҳа.

Аёлга ўгирилдилар:

— Сен уч поклик муддати тугагунча кутишинг керак. Шу вақт ичида бошқасининг никоҳига кириш у ёқда турсин, ўзаро келишиб ҳам қўёлмайсан. Нега бундай қилдинг?

Аёл жавоб бермади. Эркакдан ҳам тайинли гап чиқмади. Чиқиши ҳам мумкин эмасди.

— Никоҳингизни бекор қиламан. Маҳрга берилган молнии Байтулмолга оламан. Жазо тариқасида бундан буён бир-бирингиз билан турмуш қуролмаслигингизни айтиб қўяй. Бораверинглар.

Уларнинг ўзаро турмуш қуролмасликлари Ҳазрати Умарнинг шахсий фикрлари эди. Аслида улар қайта турмуш қуришлари мумкин.

 

* * *

 

Бир куни Ҳазрати Умар масжидда жамоат билан суҳбатлашиб ўтирган эдилар, нохуш товушдан хушёр тортдилар. Кимдир ўзи истамаган ҳолда таҳоратини синдириб қўйган эди. Ҳазрати Умар гапларида давом этдилар. Лекин таҳорати синган киши турмагач:

— Ўша ишни қилган одам бориб, таҳорат олиб келсин, — дедилар.

У одам барибир турмади. Шу орада Жарир ибн Абдуллоҳ Бажалий вазиятни ўнгламоқчи бўлди:

— Ҳаммамизга таҳорат олишни буюра қолинг.

Ҳазрати Умар унинг ақлли ва беозор фикрига қойил қолдилар:

— Тўғри гапирдинг, Жарир, — дедилар. — Мен сени жоҳилият даврида ҳам, Исломни қабул қилганингдан кейин ҳам доимо мулойим инсон деб биламан.

Кейин жамоатга юзландилар:

— Кани, туринглар, ҳаммамиз таҳорат оламиз.

 

* * *

 

Кун қизигандан кизиди. Араблар "самум" деб атайдиган шамол эсарди. Бу шамол арабларнинг юрагини олиб қўйган эди.

Шундай кунларнинг бирида Ҳазрати Усмон жуда муҳим иш билан сафарга отландилар. Туяларига миниб, орқаларига қулларини мингаштирдилар ва йўлга тушдилар.

Закотга берилган туялар сақланадиган жойга етганларида, туя йўрғалатиб кетаётган одамни кўрдилар. Одам бошини яхшилаб танғиб олган эди. Шамол ва жазирамага қарамай, жон-жаҳди билан ҳаракат қилар, у ёқ-бу ёққа югуриб, ташқарида қолиб кетган туяларни ичкарига олиб киришга уринарди.

— Қизиқ... Бу одам ким?

Ҳазрати Усмоннинг саволлари жавобсиз қолди. Хожаси танимаган одамни қули қайдан билсин? Бир оз юрганларидан кейин таниб қолишди: Амирул мўминин Умар-ку! Ҳазрати Усмон ҳайрат билан қараб туриб, ич-ичларидан тан бердилар ва: "Қойил! Мана бу инсонни баҳодир, эпчил деса бўлади", деб юбордилар.

Ҳазрати Умар бир чеккада тин оладиган, мажбур бўлмагунча ташқарига чиқмайдиган шу дамда соя-салқинда дам олиб ўтирсалар, нима бўларди? Ким нима дея оларди у кишига?!

У кишини бу ишни қилишга ундаган нарса Виждон эди. Зеро, мўминлардан олинган, яна мўминлар учун хизмат қилиши кўзда тутилган ушбу туялар нобуд бўлса, мўминлар зарар кўрарди. Аллоҳ эса мўминларнинг бошига тушган кулфатларнинг ҳисобини Умардан талаб қилади.

Ҳазрати Умар яна ўша виждон амри билан ёнларига бир шерик олиб, Мадинага келтирилган туя ва қўйларнинг ёши, рангини дафтарга қайд этиб қўярдилар. Бир куни Ҳазрати Усмон билан Ҳазрати Алини ёнларига олиб, закотга берилган моллар турган жойга бордилар. Ҳазрати Умарнинг ўзлари туяларнинг оғзини очиб текширар, тишларини санаб, дўстларига уларнинг ёшини айтар, Ҳазрати Али билан Ҳазрати Усмон ёзиб боришар эди. Шу дам Ҳазрати Али Қуръонда келган Шуайб алайҳиссаломнинг қизлари айтган бир жумлани эслаб, "Эй ота, уни (чорваларингни боқишга) ёллагин. Зеро, сен ёллаган энг яхши киши кучли, ишончли кишидир" (Қасас сураси. 26-оят), оятини ўқидилар ва Ҳазрати Умарга ишора қилдилар.

 

* * *

 

Ҳафс ибн Абу Ос Ҳазрати Умарни кўргани келди. Дастурхон ёзилди, лекин Ҳафс ўтирмади:

— Нега бизнинг таомимизни емаяпсан, Ҳафс?

— Ростини айтишга изн беринг, амирул мўминин. Сизнинг овқатингиз бемаза ва тўйими йўқ, Томоғимдан зўрға ўтади. Ваҳоланки, менинг ейдиганим уйимда тайёр турибди. Ҳар ҳолда мазаси бор, еса бўлади. Бир оздан кейин уйимга бориб, ўша овқатни ейман.

Ҳазрати Умар Ҳафсга қўйни сўйиб, мазали кабоб тайёрлаш учун барча қилинадиган ишларни айтиб:

— Сен шу қўйдан жайроннинг қонидек қип-қизил кабоб тайёрлашни билмайди деб ўйлайсанми, Ҳафс. Бунга имкониятим етмайдими? Ҳа, мен буларни биламан. Агар охиратдаги неъматларнинг камайишидан қўрқмаганимда, сизлардек яшардим, — дедилар.

 

* * *

 

Бир куни Рабиъ ибн Зиёд Ҳорисий Ҳазрати Умарнинг олдларига ҳисобот бергани келди. Унга ҳам Ҳазрати Умарнинг дастурхонлари ёқади. Зеро, у киши кундалик ейдиган нарсаларни ўртага қўйган эдилар.

— Мўминлар амири, сиз яхши ямоққа, башанг кийинишга, учқур уловга энг лойиқ инсонсиз, — деди.

Рабиъ ҳақ эди. Бу уммат орасида ҳозир қайси тарафдан қаралса ҳам, унинг ўрнини тўлдира оладиган одам йўқ. Бу асҳоби киром томонидан ҳеч бир баҳс-мунозарасиз қабул қилинган ҳақиқат эди.

— Раҳмат, Рабиъ! Ҳақ гапни айтдинг!

Эҳтимол, Рабиъ шунақа гапни кутгандир. Бироқ Ҳазрати Умар доимо ёнларида олиб юрадиган асолари билан Рабиъни тушириб қолдилар.

— Бу гапни Аллоҳ ризоси учун айтяпсан, деб ўйламайман. Менга хушомад қилиб, мендан фойдаланмоқчисан, холос. Сени ақлли инсон деб ўйлардим. Афсус! Мен билан одамлар нимага ўхшайди, биласанми?

— Йўк, билмайман.

— Сафарга чиққан бир гуруҳ одамларни тасаввур қил. Улар ўртага пул ташлаб, емиш олдилар ва ичларида ўзлари ишонган одамга ўша емишни сақлаш учун топширдилар. Энди ўша одам емишнинг яхшисини ўзига олиб, ёқмаганини шерикларига қолдирса, тўғри иш қилган бўладими?

— Йўқ, албатта.

— Волийларим ва халқимга нисбатан менинг аҳволим ҳам худди шундай.

 

* * *

 

Ҳазрати Умар дарё-денгизни хушламасдилар. У киши Мадина ва ўзга юртларда турган қўшинлар ўртасида сув бўлмаслигини истардилар. Миср волийи Амр ибн Осга мактуб ёзиб, денгиз ҳақида маълумот сўраганларида, қуйидаги жавобни олдилар:

"Шох устидаги чумолини тасаввур қилинг. Шох синса, чумоли ўлади". Амр шох деганда кемани, чумоли билан кемадагиларни назарда тутган ва кема чўккудек бўлса, қутулиб бўлмаслигини айтмоқчи эди. Буни ўқиган Ҳазрати Умар денгиз сафарларини ёқтирмай қолган, "Аллоҳ мусулмонларни денгизга чикармаганим учун сўроқка тутмас", дер эдилар.

 

* * *

 

Тунда Мадинани айланар эканлар, бир аёлнинг гаплари Ҳазрати Умарнинг диққатини тортди: "Бир пиёла шароб ёки Наср ибн Ҳажжож билан бир кеча бўлишнинг наҳот иложи бўлмаса", деган маънода шеър ўқирди у.

Ҳазрати Умар бомдод намозини ўқиб бўлиб, дарҳол Наср ибн Ҳажжож кимлигини билиб, ҳузурларига олиб келишни буюрдилар. Бир оздан кейин кириб келган одам Ҳазрати Умарнинг ҳайратланишларига сабабчи бўлди.

— Наср ибн Ҳажжож сенмисан?

— Ҳа. Шундоқ.

— Қайси қабиладансан?

— Бани Сулаймдан.

Ҳазрати Умар ёнидагиларга қараб, унинг сочини калта қилишни буюрдилар. Унинг пешоналари очилиб, келишган барно йигитга айланди. Кейин бошига салла кийгизишни буюрдилар Амр бажарилди. Наср янаям очилиб кетди. Худо билади, у шундай ҳусни билан яна қанча аёлнинг хушини олиб, тунни бедор ўтказишга мажбур қилади?

— Мен турган шаҳарда сенинг яшашга ҳаққинг йўқ, Ибн Ҳажжож!

Насрга етарлича пул ва мол-мулк бериб, Мадинани тарк этишни ва Басрага кетишни буюрдилар.

 

* * *

 

Яна бир тун Ҳазрати Умар одатларига кўра, шаҳар айланардилар. Бир неча аёллар йиғилиб олишиб, суҳбатлашаётган эди.

Шу орада улардан бирининг: "Мадинада энг барно эркак ким?' дейиши Ҳазрати Умарни жойларида таққа тўхтатди. Кетмай жавобни кута бошладилар.

"Абу Зиъб бўлса керак", деди бошқа аёл.

Ҳазрати Умар унинг жавобини эшитиб, тез-тез юриб кетдилар. Эртасига Абу Зиъб қидириб топилди ва ҳузурларига келтирилди. У ҳақиқатдан ҳам келишган эркак эди.

— Қайси қабиладансан?

— Бани Сулаймдан.

— Абу Зиъб (эркак бўри) сенмисан?

— Ҳа. Менман.

— Валлоҳи, сен ростдан ҳам аёллар учун бўри экансан. Ҳазрати Умар бу гапни икки-уч марта такрорладилар, сўнг сўзларида давом этдилар:

— Худо ҳаққи, мен турган шаҳарда турмайсан.

— Мўминлар амири, Мадинани тарк этишим шартми?

— Шарт!

— Унда мени амакиваччамнинг ёнига юборинг.

— Амакиваччанг ким?

— Наср ибн Ҳажжож.

Унга йўл ҳаражатлари берилиб, Басрага жўнатилди.

 

* * *

 

Ҳазрати Умарнинг авваллари ақл-заковати ва нутқига қойил қолган, Басра волийи Абу Мусо Ашъарийга: "Фикрларидан фойдаланиб, муҳим ишларда у билан маслаҳатлаш", деганлари Зиёд ҳақида фикрлари ўзгарган эди. Абу Мусога ёзган бир мактубларида Зиёдни вазифасидан озод қилишни буюрдилар.

Охирги йилларда ҳаётидан қониқиш ҳосил қилган Зиёд Ҳазрати Умарнинг мактубини ўқиб ўзини йўқотиб қўйди. Ҳолбуки, Мадинага борганда у зотнинг олқишига сазовор бўлган эди. Бу ерда қандайдир англашилмовчилик бор эди унинг назарида.

Зиёд йўлга чиқди. Бир неча кунлик азоб-уқубатли сафардан кейин Мадинага етиб келиб, амирул мўмининнинг ҳузурига кирди.

— Мўминлар амири, мени бўшатибсиз деб эшитдим.

— Ҳа, Зиёд, шундай қилдим.

— Нега? Эплай олмаганим учунми ёки хиёнат сабаблими?

— Икковиям эмас. Сен жуда ақлли инсонсан. Шу ақлинг халқ бошига бало келтирмасин, деб андиша қилдим. Бўшатишимнинг асл сабаб шу.

Зиёд индамай чиқиб кетди. Йиллар давомида қутулолмаган хорлик унинг устига келган эди.

Ҳолбуки, холис ва ҳалол меҳнат қилиб, Басра халқи ва расмийларига сидқидилдан хизмат этди. Энди эса, бунга жавоб тариқасида, бор-йўғи ақли-заковати келтириши мумкин бўлган кулфат баҳона вазифасидан озод қилинди.

Қизиқ, Ҳазрати Умарни бу фикрга ундаган Зиёднинг Муғийра ибн Шўъба ҳақидаги асоссиз фикримиди? Акалари қасам ичиб гувоҳлик берган воқеаларга Муғийра оддий гаплар билан уларнинг гувоҳлигини чиппакка чиқарган эди. Балки у кишига Аллоҳ тарафидан Зиёднинг келгуси ҳаёти ҳақида қандайдир илҳом берилгандир. Яхшигина тажриба соҳиби Ҳазрати Умарда олдиндан сеза олиш қувватлари бўлгани ҳам бор гап.

 

* * *

 

Ҳаж мавсуми эди. Ироқлик бир одам Ҳазрати Умарга яқинлашди.

— Хотинимга: "Истаган ерингга бор", деган эдим. Бу гапимга у ердагилар шаръий ҳукм беролмай, сизга йўлладилар. Сиз хам: "Ҳаж мавсумида учрасин", деган экансиз.

Ҳазрати Умар ўша воқеани эсладилар.

— Яхши. Шу муборак масжид Соҳиби ҳурмати, менга ростини айт, ўша гапни қандай ниятда айтдинг.

— Мўминлар амири, агар бошқа жойда қасам ичганимда хам, рост гапирмасдим. Лекин ҳозир тўғрисини айтаман. Мен ўша гапни уни талоқ қилиш мақсадида айтган эдим.

— Унда, сенинг гапингни талоққа ҳисоблайман.

 

* * *

 

Ҳазрати Умар иймон келтирган кундан эътиборан Парвардигорга ибодатини орттириб бордилар. У кишидаги бандалик туйғуси ортса ортдики, асло озаймади. Ўша туйғу Аллоҳга бўлган ишқ билан кўшилиб кетган эди. Ҳеч нарса у кишини Аллоҳ йўлидан айира олмас, ўша йўлдан бардавом юришга халақит қилолмас эди. Ҳазрати Умарнинг Аллоҳдан қўрқиб тўккан кўз ёшлари бир неча кунлик ёмғирдан ҳам зиёда бўлса керак.

 

* * *

 

Ҳазрати Умар волийларнинг эшикда одамларни куттириб қўйишини эшитганларида дарҳол сўроқ қилиб, қаттиқ жазо берардилар. Зеро, Расулуллоҳ ҳеч қачон эшикда бировни куттирмаганлар, бунга эҳтиёж ҳам йўқ эди.

Каъбул Ахбор деган яҳудий олими Исломга кириб, Мадинага танишиникига келди. У хонадон соҳибидан:

— Халифанинг ҳузурига қандай кирилади? — деб сўради.

— Қандай кирилади, деганинг нимаси?

— Яъни, кимдан рухсат олинади, ким ўртада туради, демоқчиман. Гапнинг пўсткалласини айтганда, эртага унинг ҳузурига кирсак бўладими?

Мезбон унинг гапларидан ҳайратга тушди.

— Эй Каъб, Умарнинг олдига кириш учун бировдан рухсат олиб ўтириш шарт эмас. Чунки у билан мусулмонлар ўртасида на эшик бор ва на бир парда. Истаган одам келиб салом беради ва ўтириб суҳбатлашаверади.

 

* * *

 

Ҳазрати Умар фитна ва фасод чиқармоқчи бўлганларга ўта қаттиққўл, Аллоҳнинг ҳукмига амал қилишга жуда эътиборли, фақир, муҳтож ва заифларга марҳаматли инсон эдилар.

Бир куни Абдураҳмон ибн Авфнинг олдига одамлар келиб, дардларини очишди ва:

— Умар ибн Ҳаттоб билан бизнинг номимиздан гаплашиб кўринг. Ундан қўрқиб қолдик. Юзига қарашга ҳам ботина олмаяпмиз, — дейишди. Абдураҳмон келиб, эшитганларини Ҳазрати Умарга гапириб берди. Ҳазрати Умар ҳайрон бўлдилар.

— Шундай дейишдими-а? Уларга жуда юмшоқ муомала қилдим. Шу даражада юмшоқки, чегарадан чиқмаяпманми, деган андишага бордим. Қаттиқ муомала қилдиму, яна чегарадан ошириб юборяпман деган ўйга бордим. Қасам ичиб айтаманки, мендаги ҳақларига хиёнат қилмай деган қўрқув олдида уларнинг мендан қўрқиши ҳеч нарса эмас.

 

* * *

 

Фармон чиқарсалар ёки бирон нарсани таъқиқласалар, аввал масжидда эълон қилдирардилар. Кейин оила аъзолари ва қариндошларини бир жойга тўплаб: "Одамларга мана бу ва мана буларни таъқиқладим. Йиртқич қуш ўлжасига қандай қараса, одамлар ҳам сизга шундай диққат ва эътиборда бўлишини яхши биласизлар. Аллоҳ номига қасам ичиб айтаманки, агар сизлар шу таъқиқни бузсаларинг, бошқаларга берадиган жазони икки баробар қилиб тайинлайман ва шуни амалга ошираман. Шунинг учун ақлу хушингизни тўплаб олинглар", дердилар.

 

* * *

 

Кунларнинг бирида мўминлар билан суҳбат асносида Салмони Форсийга мурожаат қилдилар:

— Нима дейсан, мен подшоҳманми ё халифа?

Салмон:

— Мусулмонлардан йиғиб олган озми-кўпми солиқни керакли жойга сарфламасангиз ёки муҳтожларга бермасангиз, билингки, сиз подшоҳсиз, — дея жавоб берди.

Бу жавобдан Ҳазрати Умар анчагача ўйланиб юрдилар. Лекин ҳақиқатни айтганда, бу жиҳатдан қаралса, Ҳазрати Умарга халифа номи берилмаса, бошқа бирон раҳбарга бундай ном берилмаслиги керак.

Бир қабилага тарқатилиши керак бўлган маошни олиб бориб, ҳар ким бемалол кела оладиган ерда туриб, турмушга чиқмаган ва бева аёллардан ташқари, барчага шахсан ўзлари тарқатган эдилар. Кейин бошқа қабила орасига бориб, у ерда ҳам барчага маошини шахсан қўллари билан топширдилар. Шу тариқа маош қабила раисининг қўлига ўтиб, унинг ўзи истаганига кўпроқ, истамаганига камроқ, беришининг олди олинди.

 

* * *

 

— Валлоҳи, Аллоҳ умр берса, бир кун келиб Санъо тоғларида қўйларини боқиб юрган чўпон маошини турган ерида олади.

 

* * *

 

Бир куни Ҳазрати Умар юк ташиётган одамни кўриб қолдилар. Югуриб бориб, унга ёрдамлашиб юбордилар. Бояги одам халифанинг ёрдамидан кўнгли тоғдек кўтарилди.

— Болаларингиз роҳатини кўринг! Улар сизга ёрдамчи бўлсин.

Ҳазрати Умар "омин" демадилар.

"Аллоҳ мени болаларимга муҳтож қилмасин".

 

* * *

 

Баъзан кўз ўнгларида заиф жисмли она-бола қиз гавдаланарди. Уларнинг бор-йўқ айби Аллоҳ ва Расулига иймон келтиргани эди. Устларига тушган қамчи зарбалари у иккисини яна Лот, Ҳубал ва Манотнинг олдида эгилишга мажбур қиларди. Ҳар зарбада қалбни жароҳатловчи, беҳаё сўзлари билан қувватига қувват қўшарди гўё. Беаёв таёқ дарси тугаркан, калтаклаётган одам: "Билиб қўйинглар! Мен сенларга ачинганимдан эмас, балки чарчаганимдан бас қилдим", дерди. Бу гапларни айтган инсоннинг сурати ортиқ даражада тунд ва бешафқат эди. Ўша одамнинг қалби йиллар мобайнида шафқатдан узоқ қолди, инсоф ва марҳамат туйғуларига бегона бўлди. Қанчадан-қанча одамларнинг кўнглини зирқиратган ва кўзларини ёшлатган виждон бу одамдаги шафқатсиз ва шайтоний ҳислар олдида сасини чиқаролмай, қадди дол бўлди. Ҳатто ўз дилбанди - қизалоғини тириклайин кўмаркан, "Ҳой, тўхта!" деёлмаган эди у виждон.

Аммо кунларнинг бирида одамларга чин инсонийликни танитишга чоғланган Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўлдириш учун чиққани замон илоҳий калом унинг йўлини мутлақо бошқа тарафга буриб юборди. У қўлига тушган бир парча қоғоздаги ушбу оятларни ўкиб, чуқур ўйга толди: "Осмонлардаги, ердаги ва уларнинг орасидаги ҳамда тупроқ остидаги бор нарса Унингдир. Агар сиз ошкора чақирсангиз ҳам (ва ёки хуфёна чақирсангиз ҳам, У зотга баробардир). Зеро, У сирни ҳам, энг махфий нарсаларни ҳам билур. Аллоҳ — ҳеч қандай тангри йўқ, ёлғиз Унинг ўзи бордир. Унинг энг гўзал исмлари бордир" (Тоҳа, 6—8).

Шу оятлар Умар руҳини иймоннинг чароғон нури сари чорлаб, ўлдирмоқчи бўлган инсон олдида тиз чўктириб, шаҳодат сўзларини айтишга ундади.

 

* * *

 

Гоҳида Буюк Форуқнинг кўзлари ёшланиб қолар, буни кўрган инсон ўз-ўзидан:

— Бу не ҳол, мўминлар амири? — деб юборарди. Чунки ўша дам йиғламоққа ҳеч бир сабаб бўлмасди. Ҳайрат ичида берилган бу саволга жавоб маҳзун ва жиддий оҳангда янграр эди:

"Фурот қирғоғида бир туя йўқолиб қолса, илоҳий адолат Умарни сўроққа тутажак".

Йўқ, бу томоша саҳнаси эмас. Юқоридаги гаплар бировга кўз-кўз қилиш учун ҳам айтилмаган. Танлов ташвиқотини юритган ва назар чегараси манфаат ҳудудидан нари ўтмаган инсоннинг гаплари ҳам эмас. Булар кун келиб, Аллоҳ олдида мўминлар амири сифатида ҳисоб бериш масъулиятини ҳис қилган инсоннинг фикрларидир. Булар умрининг сўнгги ўн йилини уммати Муҳаммаднинг бир чўпони ўлароқ кечирган, уларни хурсанд қила олган тақдирдагина ўзини бахтли ҳис этган амирнинг гаплари.

Бир куни суҳбат давомида Холид ибн Урфутъага шундай дедилар:

— Холид, ҳозир сенга қандай муносабатда бўлсам, энг узоқ чегарада турган инсонга ҳам шундай муносабатдаман. Сенга самимиятим қай даражада бўлса, уларга бўлган самимиятим ҳам ўша даражада. Чунки Расул алайҳиссалом шундай деганларини эшитганман: "Қўл остидагиларга раҳм-шафқатли бўлмаган ва уларнинг ҳақларини бермай ўлган киши жаннатнинг бўйини ҳам ҳидламайди".

Мустафо алайҳиссалом: "Сизлар бир чўпон мисолисиз. Ҳар бир чўпон ўз суруви учун масъулдир", деган эдилар ва бу билан ҳар бир инсонга ўз савиясига қараб масъулият юклаганлар. Имом Умар бутун ислом оламининг чўпони эдилар. Бу чўпон ўзига ўхшаш жуда кўп кишини телба қиладиган даражада шафқат ва марҳамат соҳибидир. Айнан шу шафқат ва марҳамат унинг кечаларини кундузга айлантирди. У зот баъзан Мадинани тонгача айланардилар, ҳар тун кўзи ожиз ва заифа кампирнинг тагини тозалашга, уйини супуриб-сидиришга, овқатини едириб қўйишга иштиёқманд эдилар ва ушбу шарафли хизмат ўша вақтда фақатгина Талҳа ибн Убайдуллоҳ ҳамда Буюк Парвардигор хабардор бўлган сир бўлиб эди. Баъзида Мадинага келган ва йўл чарчоғидан ухлаб қолган тижоратчиларнинг молларини Аллоҳ розилиги учун эрталабгача пойлаб чиқадилар, бироқ одамлар бундан ҳам хабарсиз қолишади.


Qayd etilgan