Erkin Vohidov. Saylanma. 3-jild. Umrim daryosi  ( 48248 marta o'qilgan) Chop etish

1 B


AbdulAziz  09 Mart 2010, 10:28:00

Erkin Vohidov. Saylanma. 3-jild. Umrim daryosi



Muallif: Erkin Vohidov
Hajmi: 993 Kb
Fayl tipi: pdf, zip
Saqlab olish
Online o'qish

Qayd etilgan


Y_U_R_I_S_T  13 Mart 2010, 10:07:29

Эркин ВОҲИДОВ

САЙЛАНМА

УЧИНЧИ ЖИЛД

УМРИМ ДАРЁСИ



ТОШКЕНТ
«ШАРҚ» НАШРИЁТ-МАТБАА
АКЦИЯДОРЛИК КОМПАНИЯСИ БОШ ТАҲРИРИЯТИ
2001


- ШАВҚУ АРМОНИМ ҒАЗАЛ -

Ҳаёт ичра ҳаёт бўлдинг,
Қанот бўлдинг, нажот бўлдинг,
Кетурдинг ҳам сафо менга,
Етурдинг ҳам жафо менга.


ИНСОН
(Қасида)

Собиту сайёрада
Инсон ўзинг, инсон ўзинг.
Мулки олам ичра бир
Ҳоқон ўзинг, султон ўзинг.

Собит ўз маъвосида,
Сайёр фазо дунёсида,
Коинот саҳросида
Карвон ўзинг, сарбон ўзинг.

Шамс — дил тафтингдадур,
Сайёралар кафтингдадур,
Кенг жаҳон забтингдадур,
Боғбон ўзинг, посбон ўзинг.

Бу ёруғ дунё надур?
Кошонадур, вайронадур,
Сенга меҳмонхонадур,
Меҳмон ўзинг, мезбон ўзинг.

Бунда оқ бирла қаро,
Зулмат, зиё, шоҳу гадо,
Жанг қилурлар доимо,
Ул ён ўзинг, бул ён ўзинг.

Сен бало, ҳам мубтало,
Хайр ила кин, росту риё,
Фитнагар оламаро
Фаттон ўзинг, қурбон ўзинг.

Гоҳ адолат боғида,
Пири адоват гоҳида,
Ўз дилинг даргоҳида
Шайтон ўзинг, ғилмон ўзинг.

Хормисан ё гулмисан,
Тождормисан ё кулмисан,
Чуғзмисан, булбулмисан,
Нодон ўзинг, хушхон ўзинг.

Бу ҳаёт ўрмон экан,
Жон борки, қасди жон экан,
Бунда қатл осон экан,
Сиртлон ўзинг, жайрон ўзинг.

Бу ҳаёт уммон экан,
Уммон абад гардон экан,
Қатрадек сарсон экан,
Сарсон ўзинг, гардон ўзинг.

Машъали фикрат — сенинг,
Ҳам чангали ваҳшат сенинг,
Ғайрату ғафлат сенинг,
Жавлон ўзинг, урён ўзинг.

Қилдингу ойда хиром,
Ҳам ерда қон тўкдинг ҳаром,
Ушбу ҳолиндан мудом
Хандон ўзинг, гирён ўзинг.

Миндинг илм нарвонига,
Чиқдинг фунун осмонига,
Бу жаҳон айвонига
Аркон ўзинг, вайрон ўзинг.

Заррани ижод этиб,
Даҳшат бало бунёд этиб,
Оқибатни ёд этиб
Ҳайрон ўзинг, ҳайрон ўзинг.

Боғи арз обод эрур
Сендин агар имдод эрур,
Йўқса у барбод эрур,
Тўфон ўзинг, тўғон ўзинг.

Сен ҳилол, юлдуз, салиб,
Таврот, Забурдин юксалиб,
Боймисан ёки ғариб,
Комрон ўзинг, яксон ўзинг.

Ким фаранги, ким ҳабаш,
Ирқ, қон талаш, имон талаш,
Шулми инсондек яшаш,
Армон ўзинг, афғон ўзинг.

Мамлакатга мамлакат,
Миллатга миллат бўлса қасд,
Қилғувчи сўнг оқибат
Армон ўзинг, афғон ўзинг.

Онаизоринг — замин,
Танҳо йўғу боринг — замин,
Хаста беморинг — замин,
Ўғлон ўзинг, дармон ўзинг,

Бағрида ётқучи — сен,
Неъматларин тотқучи сен,
Тиғ бўлиб ботқучи — сен,
Пайкон ўзинг, қалқон ўзинг.

Марсга тўп отқувчи — сен,
Зуҳрони уйғотқучи — сен,
Уйқуда қотқучи — сен,
Уйғон ўзинг, уйғон ўзинг.

Келдинг оламга, демак,
Етмас уни сўрмак, емак,
Ерни этмоғинг керак
Бўстон ўзинг, ризвон ўзинг.

Сўзга ҳам поён бўлур,
Ёзсам яна девон бўлур.
Рустами достон бўлур,
Достон ўзинг, девон ўзинг.

Бўлмасин субҳинг қаро,
Бор бўл мудом борлиқ аро,
Ўзни этгил доимо
Инсон ўзинг, инсон ўзинг.

Эй, сен Эркин, сен букун
Ёздинг дилингдан бир тугун,
Сен киму не даҳри дун,
Бийрон ўзинг, нодон ўзинг.
1973


МУҲАББАТ БИРЛА...

Муҳаббат бирла чеккан —
Ғурбатинг роҳат билан тенгдур.
Муҳаббатсиз ва лекин
Ишратинг кулфат билан тенгдур.

Унга жону жаҳоним
Бой бериб оламда бойдурман,
Сенинг, эй бемуҳаббат,
Нусратинг ҳасрат билан тенгдур.

Риё аҳлининг алдоқ —
Ҳурматига нафратим бордур,
Сенинг, эй дўст, менга
Нафратинг шафқат билан тенгдур.

Муҳаббат оташини
Ҳеч қачон дўзахга тенг қилмам,
Нечунким, менга нурли —
Талъатинг жаннат билан тенгдур.

Кечиб қўй, ошиқ ўлгач,
Икки олам мулкидан, Эркин,
Муҳаббат ичра барча —
Заҳматинг давлат билан тенгдур.
1973


СЕВГИ ОТАШИ

Қон эмасдур жисм аро ул,
Шуъласидур ишқ ўтин,
Мўй эмасдур тан уза бул,
Сўхта жонимдан тутун.

Билмадим, ул оташ ичра
Ўртаниб бўлгумадо
Ё самандардек чиқарман
Ўт аросидан бутун.

Мумкин эрмас хас ичида
Чўғни пинҳон айламак,
Ишқ солиб жисмимга ёнғин,
Ошикор ўлди букун.

Ишқу ҳажр оламга мерос,
Бўйла меросдур азал
Бизга Фарҳоддан фидолик,
Бизга Мажнундан жунун.

Ишқ бир офтобдур мунаввар,
Заррадан Зуҳро қадар —
Ул қуёшнинг теграсида
Айланурлар бесукун.

Ёр севиб, олдинг сен, Эркин,
Бу жаҳондин кўп сабоқ,
Бундан ортиқ қайда мактаб,
Қайдадир дорилфунун?
1973


ЖОН ТАЛАШ

Жон билан дил ўртасида
Бўлди ул жонон талаш,
Не ажаб, ўзбек уйида
Доимо меҳмон талаш.

Мулки дил жон хайли бирлан
Ёр талошини қилур,
Қай замон бўлмиш икки эл —
Ўртасида хон талаш?

Жону дил хунрезлик айлаб
Бўлди охир тилка жон,
Дил эса мажруҳ, анорнинг
Донасидек қонталаш.

Жону дил қилди талошу
Бунда келди минг бало,
Ўртада мен мубталою
Зору саргардон талаш.

Бу талош васфини битсам
Лолазор бўлгай замин,
Сўзларим анжуми сиғмай
Лавҳаи осмон талаш.

Билмам, ул ой жону кўнгил —
Бирла крлгай, ё кетур,
Ваҳки, қолмоқ бирла кетмок
Ўртасида жон талаш.

Жон-ку, бир парвонадур,
Эркин, уни ҳеч ўйлама,
Ишқ бозорида бўлсин
Сен битар девон талаш.
1973


ҚЎЛЛАР
(Қасида)

Танингда камтарин аъзо
Бу қўллардир, бу қўллардир,
Мудом меҳнат учун пайдо
Бу қўллардир, бу қўллардир.

Жаҳонда токи бунёдсен
Ки, номи одамизодсен,
Юрақдек тинмаган асло
Бу қўллардир, бу қўллардир.

Ҳаёт деб ердан узсанг ҳам,
Нажот деб кўкка чўзсанг ҳам,
Тириксан то сенга ошно
Бу қўллардир, бу қўллардир.

Замин бунёди бу қўллар,
Унинг барбоди бу қўллар.
Саодат ҳам буюк савдо
Бу қўллардир, бу қўллардир.

Ғазал бахш этган оламга,
Ажал келтирган одамга
Бу тиғдир, бу гули раъно,
Бу қўллардир, бу қўллардир.

Севар ёрга гул узган ҳам,
Очиқ кафтини чўзган ҳам
Тилаб хайру закот танҳо,
Бу кўллардир, бу қўллардир.

Жаҳон даъвосини этган,
Жаҳондин лек очиқ кетган
Скандар илки бедаъво
Бу қўллардир, бу қўллардир.

Кулол айлантирар чархин,
Қаро лой санъат ўлгай чин,
Бужур, лек санъати зебо
Бу қўллардир, бу қўллардир.

Тутибдур игна жонона,
Бўлибдур шеър сўзона,
Ўзи олтин, иши тилло
Бу қўллардир, бу қўллардир.

Ажаб, нозик бу бармоқлар
Териб мисқол қилур тоғлар,
Жаҳонда энг буюк кимё
Бу қўллардир, бу қўллардир.

Диёримбир сахий соқий,
Орол унга майи боқий,
Сиру мавжли Амударё
Бу қўллардир, бу қўллардир.

Қўйиб нуқта қасидамга,
Боқарман тонгги оламга,
Қуёшдан шуълаларму ё
Бу қўллардир, бу қўллардир.

Салом, офтоб, салом, дунё,
Салом, шеърим, сени танҳо
Юракмас айлаган иншо,
Бу қўллардир, бу қўллардир.
1975


БИР ҚАДАМ

Иккимизнинг ўртамизда
Йўл, дилоро, бир қадам.
Шунчалар мушкулми қўймоқ
Сенга, зебо, бир қадам.

Кўзларимнинг нури бўлди.
Йўлга пойандоз, кел,
Сен қасам ичдингми ё, деб —
Қўймамасло бир қадам.

Мен сени Зуҳрою Ой деб
Илтижо қилдим ва лек
Сен йироқсан, гарчи менга
Ою Зуҳро бир қадам.

Парда ичра офтобим,
Ёнида мен нурга зор,
Ташнаман, қирғокдадурман —
Бунда дарё бир қадам.

Не иложким, севги расми
Шул экан тақдир азал,
Ҳеч писанд эрмас масофа,
Мушкул аммо бир қадам.

Интизорлик телба қилди,
Телбаликка йўқ илож,
Жонидан кечган кишига
Икки дунё бир қадам.

Бас, шикоят қилма, Эркин,
Журъат айлаб йўлга чиқ,
Сенга бир одим Самарқанд,
Сўнг Бухоро бир қадам.
1976


* * *

Ажаб, ёшликни не қилдим —
Фақат орзуда ўткардим.
Ҳаёт олдинда деб билдим.
Шу пок туйғуда ўткардим.

Ҳамиша ненидур кутдим,
Ҳамиша йўлга кўз тутдим,
Умрнинг ярмини ўтдим,
Ширин уйқуда ўткардим.

Қўниб чеккамга оқ тола,
Бўлибман қирқ яшар бола,
Ки, ёшлик кетди, мен вола,
Наҳот, беҳуда ўткардим?

Совир бир кун юрак қоним,
Келар осудалик оним,
Ажаб туғёнли давроним
Нечун осуда ўткардим?

Севиб, билмай севиш расмин,
Тилаб ҳижронда ёр васлин,
Муҳаббатнинг ширин фаслин,
Кўринг, қайғуда ўткардим.

Қолиб борлиқ ўзи бирлан,
Боқиб ҳайрат кўзи бирлан,
Куним шеър дилсўзи бирлан
Ёниқ жодуда ўткардим.

Бас эй, бас, чекма афсус, дил,
Ҳамон орзу қил, орзу қил,
Умид — нур, қирқни мен қойил,
Фақат ёғдуда ўткардим.
1976


ШОИРА САИДА ЗУННУНОВАГА

Ҳеч оташ дил бул ёниқ
Дилча бўлурми, ҳай-ҳай,
Ҳеч бийрон тил бу жонсўз
Тилча бўлурми, ҳай-ҳай.

Бу юракнинг туғёни
Вулқонча бўлди, қайдан?
Қўшиқлари дарёи
Нилча бўлурми, ҳай-ҳай.

Насрда бунча шиддат,
Назмда бунча санъат,
Шеър бундоқ қирқ ёрилган
Қилча бўлурми, ҳай-ҳай.

Икки ўн етти ёшу
Бир ўн олти кўрибсиз,
Мазмунда лек ҳар кун
Йилча бўлурми, ҳай-ҳай.

Саида сўзи борлиқ
Оламни ўртаганда
Қаноатда Саид Аҳмад
Филча бўлурми, ҳай-ҳай.
1976


ФУРСАТИНГ

Фурсатинг етмайди доим,
Ҳеч қачон етган эмас.
Меҳнатинг битмайди доим,
Ҳеч қачон битган эмас.

Чун замондек бепоёндир
Кўксинг ичра орзу,
Фурсату орзуни қувлаб
Ҳеч киши етган эмас.

Интилар борлиқни инсон
Баркамол этмоқ учун,
Не ажаб, инсонни борлиқ
Баркамол этган эмас.

Менда на борлиқ хаёли,
Менда на йўқлиққа ғам,
Манглайимга чунки шеърдан
Ўзга зар битган эмас.

Вақт келар, меҳнат битар,
Бўлғуси вақт ҳамбемалол,
Чунки у дунёга ҳеч ким
Иш олиб кетган эмас.
1976


ШАҲР АРО...

Шаҳр аро кўзлардан ўзга
Дилкушо маскан топай,
Унда ўзни сен билан
Бир жон кўрай, бир тан топай.

Неча кундирким, йўқолмиш
Дилда оромим, уни —
Бу кеча излаб сенинг
Жоду қароғингдан топай.

Тун қоронғусида мен
Сочинг шабистонин кўрай,
Тонготарда юзларингни
Тонг каби равшан топай.

Мен кўнгил кўйига кирсам,
Билмайин боссамтикан,
Туш билиб, таъбир этингким,
Ўнгда бир гулшан топай.

Айри тил бирлан риё
Берса менга юз яхши дўст,
Дўст керакмас, тўғри сўзлаб
Бир ҳалол душман топай.

Неки мақсуд бор кўнгилда,
Пок кўнгил бирлан етиб,
Неки бахт топсам жаҳонда,
Бир ўзинг бирлан топай:

Бир умр Эркин муҳаббат
Оташида ёнмасам,
Ўтга чулғансин вужудим,
Қатлима гулхан топай.
1977


ЁШЛИГИМДА..

Ёшлигимда келган омад
Мен учун омад эмас,
Ёшлик андоқ бахт эрурким,
Ўзга бахт ҳожат эмас.

Неки толе бўлса, кўрсам
Дейман улғайгач ёшим,
Ёшлигимга, чунки бахтни
Қадр этиш одат эмас.

Тонг кувончи бирла яйраб
Нурга чулғанган чоғим
Мен учун шоми ғарибон
Вақт эмас, соат эмас.

Ёшлигимда, не таажжуб,
Билмасам дўст кадрини,
Чунки ёлғизлик, ғариблик
Мен учун ҳолат эмас.

Тут қадаҳ, дўстим, тиларман
Сўнгги қатра лаззатин,
Ким, бу лаззатсиз ҳаёт ҳам,
Бода ҳам роҳат эмас.
1977


НАВОИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Айрилиқ они яқиндур, кема йўл бонгин чолур,
Ваҳ, мени ташлаб фироққа, ёр йироққа йўл олур,
Жон бориб жоно билан, соҳилда бир жисмим қолур,
Ҳар қачонким кемага ул ой сафар раҳтин солур,
Мавжлиғ дарё каби ошуфта кўнглим қўзғолур.

Мен неча айтдим, кўнгул, жондин кечиб ёр севма деб,
Сўнг йироққа кетса ташлаб, урма оҳ, дод дема деб,
Кетди ёр, бас энди, ким айтди ёшингни тийма деб,
Йиғлама, эй кўз, недин соҳилга чиқмас кема деб,
Ким ёшинг дарёсидур ҳар сориким эл кўз солур.

Ел турар, йиғлар фалак, бу гулдурак ҳам барқ дема,
Дарди ҳижронимни ўкраб сўзлар осмон ҳар кима,
Жисм аро жондек омонат чайқалиб боргай кема,
Титрабон сиймобдек кўнглим, етар жон оғзима,
Тунд ел таҳриқидин ҳар дамки дарё чайқолур.

Эй фалак, бас, йиғлама, йўқ фойда, ул ой кемада,
Ўртада дарёю мен бу жойда, ул ой кемада,
Келмас энди, ойда не, минг ойда, ул ой кемада,
Сабр кўнгулда, кўнгил ул ойда, ул ой кемада,
Ваҳки, бориб, термулиб кўз, мунграйиб жоним қолур.

Таскиним шулким, кема кўздан йўқолмабдур ҳали,
Бир нафас бор фурсатим ёр йўлига термулгали,
Оҳ, демай, саклаб нафас, қўзғолмайин турдим, вале,
Дам тутилгандин ўлар элдек етибман ўлгали,
Сурмасин деб кемасин, баским, нафаслар асролур.

Эй шамол, жим тур, само жим, мавжудот, бир лаҳза жим,
Тингла, олам, тингла, одам, сен агар бўлсанг-да ким,
Булдур устоз панди: сиймин тандин ўзга сурма сийм,
Кирма савдо баҳрига оламдан истаб судким,
Сийм нақди тушса, лекин умр нақди сийғолур.

Сун қадаҳ, бергил менга жоним ҳақин, эй пири дайр,
Ким қадаҳлар зарбидан чиқсин чақин, эй пири дайр,
Борми Эркинга ул устоздин яқин, эй пири дайр,
Ғарқ этар баҳри фано ғам заврақин, эй пири дайр,
Илгига чунким Навоий бода киштисин олур.
1977


БАҲОР МУСТАЗОДИ

Гул фаслида соз олди яна
аҳли наволар,
куй бошлади ёна.
Не тонгки, гўзал бўлди жаҳон,
еру самолар,
ҳар тилда тарона.

Кўк бирла замин бир-бирига
ошиқу маъшуқ,
бир-бирга туташган,
Сочмоқда у борон ила
жонбахш зиёлар,
ичмоқда бу қона.

Зумрад далалар бағрига
ўт қўйди шафақгун
рақс этгувчи лола,
Ёндирганидек бизни пари
моҳи лиқолар,
ўт насли — жонона.

Гул бошин эгиб жилмаядир,
бахтли келинчак,
машшотаси — офтоб,
Булбул тилида нола надир,
завқли садолар,
бу — савти замона.

Мен ҳам қаламим қўлга олиб
ўй сурадирман,
ташбиҳ қидирурман,
Юрт шаънига ёзмоқ тилагим
ҳамду санолар
Шайху Ғафурона.

Эй сен, Ватаним, менга ўзинг
битта жаҳонсан,
бир ўғлинг эрурман,
Жон борича кўнглимда сенга
сидқу вафолар, —
сен менга ягона.

Мен неки ёзар бўлсам, ўзинг
боиси назмим,
мадҳим сенга доим,
Битдим яна, жоним, юрагим.
сенга наволар,
гул фасли баҳона.
1980


ПИЁЛА

Чинни заводи қизларига

Тупроқ ўзи не аслан,
Ундан гувола бўлгай,
Жонон қўлида тупроқ
Жонон пиёла бўлгай.

Бир коса ичра лим-лим
Тилло сувидур офтоб,
Теккач пиёлага нур —
Зарнақш тола бўлгай.

Тонг унга бергай оқлик,
Солгай баҳор гуллар,
Май нўш этиб шафақгун
Бечора лола бўлгай.

Йўқ, ул пиёла эрмас,
Санъат экан мукаммал,
Кўрганда етти иқлим
Ҳайрону вола бўлгай.

Жонон пиёла қилган
Жонон қўлидан Эркин
Май ичмаса дилида —
Ўлгунча нола бўлгай.
1982


ЎЗИМГА САВОЛ
(Мустазод)

Умринг ўтадир, сен на хаёллар сурадирсан,
Беғам юрадирсан?
Мақсад не, фароғат кўйига йўл бурадирсан,
Кимга жўрадирсан?

Очилгали кўз шартми экан тошга бош урмак,
Сўнг кўзни яшурмак,
Не ўй била нодон тошига бош урадирсан,
Не наф кўрадирсан?

Йиллар кўпи кетди, ози қолди, не қилолдинг,
Ким бўла олдинг?
Қум устига сен бўйла иморат қурадирсан,
Ҳамайш сурадирсан.

Ҳаддингни билиб чек қўй ўйин, базм, ўтиришга,
Кўз оч, ўтир ишга.
Кўрсатмагай ул кунники, сен оҳ урадирсан,
Ҳайрон турадирсан.

Йиғлаб келадир ушбу жаҳонга азиз инсон,
Кулгай у кетар он.
Шоядки, ҳаёт қарзин узиб улгурадирсан,
Қаҳ-қаҳ урадирсан.
1983


ДЎСТГА БИЗ СОҒАР УЗАТДИК...

Меҳнату заҳматда кечди
Субҳ бирла шомимиз,
Сидқдин чикди ёмонга
Оқибатда номимиз.

Дўстга биз соғар узатдик,
Ол, дедик, дўстлик учун,
Заҳр ила тўлдирди ул дўст,
Ваҳ, кўтарган жомимиз.

Биз юракда меҳру шафқат
Гўшасин тиклаб эдик,
Қайси уйга соя солди
Бу кўтарган томимиз?

Қайси дўстнинг арпасин биз
Хомўриб қўйган эдик,
Бошимизга урди-ку, оҳ!
Пишмаган бу хомимиз!

Олам аҳли ичра биз ҳам
Бош тутиб юрсак эдик,
Ноумид шайтон, демишлар,
Келгай ул аёмимиз.

Эй, олис авлод, билурсан
Биз киму армон недир,
Бир замон етса қўлингга
Дардли бу пайғомимиз.
1988


ЯХШИДИР АЧЧИҚ ХАҚИҚАТ

Яхшидир ачиқ хақиқат,
Лек ширин ёлғон ёмон,
Ул ширин ёлғонга мендек
Алданиб қолғон ёмон.

Умримиз алдоқ жаҳонда
Алданиб ўтгай, ва лек
Сўнгги қийналғон ёмондир,
Сўнгги қийналғон ёмон.

Айтгали аччиқ азобинг
Бўлса дилдош яхшидир,
Сўз демай ўтли аламни
Жонингга солғон ёмон.

Жонга солғон ҳам на создир,
Элга сўйлаб мен каби
Шоири девонаи ишқ
Номини олғон ёмон.

Гар қилич келса бошингга,
Қўрқма, Эркин, ростни айт,
Яхшидир аччиқ ҳақиқат,
Лек ширин ёлғон ёмон.
1988


ТУРКИСТОН БОЗОРИ

Бир дўкон қурмоқ керакким
Мақсади сотмоқ эмас,
Икки ойда бой бўлай деб
Элни алдатмоқ эмас.
Эргаш УЧҚУН,
Америкалик ўзбек шоири.

Бир бозор орзу қилурмиз,
Номи «Туркистон» бўлур,
Машриқу Мағриб элида
Шуҳрати достон бўлур,
Ул бозор ичра бари
Аҳли жаҳон меҳмон бўлур,
Ўзбеку туркман, тожик,
Қирғиз, қозоқ мезбон бўлур,
Бир тамоша қилган одам
Лол бўлур, ҳайрон бўлур.

Ул Бродвей кўчасида,
Ё Бруклен ёнида,
Шуъбаси Лондон, Парижнинг
Марказий майдонида,
Гар насиб этса кезармиз
Деҳли «Туркистон»ида,
Тол таги чойхона-ю,
Чойхона дастурхонида
Бобур орзу айлаган
Қовун ва ширмой нон бўлур.

Не бўлур пештахталарда?
Шоҳи атлас, беқасам.
Чуст пичоқ бергай, Бухоро —
Атласу, туркман — гилам,
Оқ момиқ қирғизча қалпоқ,
Тожикий зар дўппи ҳам,
Жун чопон оқмуллача,
Жон роҳати, силлиқ, шинам,
Барча тилларда Навоий
Шеъридан девон бўлур.

Келса ким ҳинддир, хитойдир
Яхши ниятлар билан,
Бир пиёла чой тутармиз
Хуш назокатлар билан,
Бир-бировга бокмас эллар
Кин, адоватлар билан,
Бор масалким, ҳамзиёрат,
Ҳам тижоратлар билан
Иншооллоҳ, бормоғу
Келмоқ яна осон бўлур.

Не ажаб, биз бошласак,
Улғайса кундан кун бозор,
Ёнимизга «Кавказ»у
«Болтиқ» келиб турса қатор,
Оқса Хадсон ёнида
Тошқин Дунай ҳам мавжкор,
Бу жаҳонда бахтиёр ким?
Бағри кенглар бахтиёр,
Асли бозормас мурод,
Дийдор учун имкон бўлур.

Бу ният чиндир,
Деманглар, шоирона бир хаёл.
Икки улкан юрт учун
Бундоқ бозордан не малол?
Манфаат аввалда дўстлик,
Сўнгра савдодир ҳалол,
Шеъру санъат аҳлига йўқ
Куй, қўшиқдан ўзга мол,
Бизга ҳам ул гўшада
Чорпояю айвон бўлур.

Бир мухаммас битди Эркин
Шоир Учқунга жавоб,
Биз ният қилдик, бу ният
Эзгудир, олижаноб,
Ҳар замон шоир нидоси
Олам аҳлига хитоб,
Бу жаҳон бозорида
Элу элатлар беҳисоб,
Турфа гуллардан у шояд
Бир бутун бўстон бўлур.
1989


АЖАБ ЭРМАС
(Завқиёна)

Бу кунлар катта йўлда
Бир довон бўлса ажаб эрмас,
Муқаррар ортида йўл
Кенг, равон бўлса ажаб эрмас,
Ватанга сидқу имон,
Имтиҳон бўлса ажаб эрмас,
Фаровон юрту олам,
Тинч жаҳон бўлса ажаб эрмас,
Биз этган барча орзулар
Аён бўлса ажаб эрмас.

Не ишлар кечди бошлардин,
У кунлар қайтмагай зинҳор,
Улуғвор танга энди
Номуносиб тўн бичилмас тор,
Унут бўлгай чекилган дард,
Жароҳат, кулфату озор,
Кўнгилда қолмагай ҳеч доғ,
Ғубордан тоза бўлмоқ бор,
Булут даврон шамолида
Ниҳон бўлса ажаб эрмас.

Сен эй, сен она юртим,
Кўҳнаю ёш Ўзбекистоним,
Ҳамиша сен ўзингсан
Боиси ашъору достоним,
Ғурурим, номусим, шодлик, ғамим,
Ободу пайҳоним,
Кўтар бошингни мағрур,
Ҳақлисан, шавкатли деҳқоним,
Бошингда шиша янглиғ
Осмон бўлса ажаб эрмас.

Қадим туркий мақол бор:
Бел қолар, беткай кетар, дерлар,
Умидли бу жаҳонда
Эл қолар, беклар кетар, дерлар,
Қолар дўстлик, садоқат,
Таънаю кеклар кетар, дерлар,
Оқар оққувчи дарё,
Хас-чўпу чирклар кетар, дерлар,
Бу кунлар эътиқодга
Имтиҳон бўлса ажаб эрмас.

Яқин икки мингинчи йил,
Ёрур юз бирла киргаймиз,
Саховат тўла дастурхон,
Нону туз бирла киргаймиз,
Салимимон аталган
Йўлчи юлдуз бирла киргаймиз,
Ҳақиқатга, адолатга
Очиқ кўз бирла киргаймиз,
(Ки Завқий орзу этган
Замон бўлса ажаб эрмас),
Етиб етмишга Эркин
Навқирон бўлса ажаб эрмас.
1989


ВАТАН ИСТАГИ

Бу ватанда бир Ватан
Қурмоқни истайдир кўнгил,
Ўзни озод қуш каби
Кўрмоқни истайдир кўнгил.

Бу Ватан тимсоли бўлса
Тонг қуёши шуълавор,
Шуълалар қўйнида чарх —
Урмоқни истайдир кўнгил.

Ул Ватанга байроқ — инсоф,
Туғи сарҳад муҳри — меҳр,
Сарҳад узра соқчидек
Турмоқни истайдир кўнгил.

Ким бу тупроқ қадрин истар
Айламоқ тупроққа тенг,
Кўзига тупроқ билан
Урмоқни истайдир кўнгил.

Ул Ватан елканларини
Маърифат уммонида
Қиблаи имон сари
Бурмоқни истайдир кўнгил.

Бас, етар ёлғон саодат,
Ёлғон эрк, ёлғон ватан,
Ҳуррият завқини чин
Сурмоқни истайдир кўнгил.

Қутлуғ истиқлол кунида,
Эй Ватан, бағрингда шод
Эркин ўғлонинг бўлиб
Юрмоқни истайдир кўнгил.
1990


ҲИЖРОН ҚУШЛАРИ

Тарки юрт этган хазон
Фаслидаги қушлармикин?
Ё қиров тушган бошим
Ташлаб учар ҳушлармикин?

Қуш каби парвоз тилар кўнглим,
Ки анда бир умид
Ёр сайёдим сочини
Дом этиб ушлармикин?

Мулки ҳинд оғушидир
Қушлар хаёлида бу дам
Ё хаёлимда қаро кўз
Очган оғушлармикин?

Тўлдириб осмонни ҳижрон
Қушлари учмоқдалар.
Воҳ, улар қушлармикин,
Ё мен кўрар тушлармикин?

Бош олиб мулки фанодин
Кетгучи жонларми ё
Тарки юрт этган хазон
Фаслидаги қушлармикин?
1990


ҚИЛУРМАН ТАВБАЛАР

Қилурман тавбалар, гарчи
Тазаррулик гуноҳим йўқ.
Гуноҳим йўқлигига лек
Нетай, исбот, гувоҳим йўқ.

Эшитмас эл фиғонимни,
Келар олмоққа жонимни,
Олурга лек ёнимни
Менинг бир хайрихоҳим йўқ.

На сўз дерман очиб оғиз,
Забонсиз, кимсасиз, ёлғиз —
Келиб чўкдим қошингда тиз
Бўлак сендин паноҳим йўқ.

Ишончинг — менга ризқу рўз
Забун ҳолимга солгин кўз,
Тўкарга ёш, деярга сўз
Ҳам оҳ тортарга оҳим йўқ.

Бу бандангда хатолик бор,
Хатолик — жонфидолик бор,
Шу боис кўп жудолик бор,
Гадолик бору жоҳим йўқ.

Қаро қошингга бўлмай зор,
Қорайгувчи не шомим бор?
Юзинг ёд этмайин зинҳор
Оқаргувчи сабоҳим йўқ.

Бу сарсон йўлда беҳамроҳ,
Тополмам манзили дилхоҳ,
Муҳаббатдан бўлак, биллоҳ,
Илоҳим, саждагоҳим йўқ.

Бу оламдан узиб кўнгил,
Ёниб кетсам, вужудим кул,
Унар ишқ боғида бир гул
Бу кулдан, иштибоҳим йўқ.
1991


БОБИЛ МИНОРАСИ

Тушди Азозил измига
Жонлар идораси,
Бўлди хаёлда қурганим
Бобил минораси.

Меҳр-оқибат йўқ эл аро,
Ёнди нифоқ ўти,
Бу ўт эмасму, ё қайюм,
Дўзах шарораси?

Кўзимга чўккан дард-алам
Бир кун адо бўлур,
Кетсамюмуб кўз, умр ахир
Қошу кўз ораси...

Кунлар ўтар, келар дедим
Бир яхши кун, ва лек
Ҳақ бўлди, кун кундин баттар —
Элнинг ибораси.

Билмам, қаролик бошима
Қайдин, сабаб надир,
Кўз қорасиму ё магар
Манглайнинг қораси.

Эркин, не бўлсанг бўл, фақат
Эзгу ниятда бўл,
Кўрингай умринг уфқида
Умид ситораси.
1991


ДЎСТГА ДЕГАНИМ

Инсон тилини
Тил билар инсон тушунибдир.
Дил дилни ва лек,
Ўйлама, осон тушунибдир.

Рост сўзни дедим:
Жонни қўйиб ўртага, аммо
Жон дўст деганим
Ваҳ, уни ёлғон тушунибдир.

Аччиқ эса ҳам
Чинни демак шарти садоқат,
Дўст англамаса,
Ёт буни қай он тушунибдир.

Мард мардни танир,
Дардни билар кўксида дард бор,
Жон садқасини
Жони фидо жон тушунибдир.

Исёнли дилим
Англамагай ғофил одамлар,
Кўнглимни фақат
Соҳиби исён тушунибдир.

Эркин, ғазалинг
Оқилу нодон уқиб олди,
Оқил ўзича,
Ўзгача нодон тушунибдир.
1991


КУРАШ ОИНИ

Гоҳ енгади,
Гоҳ енгилади улки, курашгай,
Ҳар кимга кураш
Оини маъқулки, курашгай.

Куч шарти билан
Шер ила шер жанг қилар, аммо
Ҳийла йўлида
Тулки билан тулки курашгай.

Гоҳ ўртару гоҳ
Ғарқ этадир сув била ўтдек,
Жоним талашиб,
Ақлу кўнгил мулки курашгай.

Ўз ҳолим учун
Бир куламан, бир тўкаман ёш,
Шоир дилида
Нола била кулки курашгай.

Бас, Эркин, хаёл,
Қулни хаёл ўлдирар эрмиш,
Ўлмаслик учун
Ўй била бор қулки курашгай.
1991


КЕЧИР, Ё РАБ!

Менга тош отди бир жоҳил,
Кечир, ё раб, кечирдим мен,
У қулдир, бандаи ғофил,
Кечир, ё раб, кечирдим мен.

Жаҳонда фитналар бордир,
Адолат гоҳи ночордир,
Адолат қил, ўзинг одил,
Кечир, ё раб, кечирдим мен.

Ёмон бўлдим, ёмон бўлдим,
Хато ўққа нишон бўлдим,
Хато қилган эмас қотил,
Кечир, ё раб, кечирдим мен.

Гуноҳидан ўт ул жоннинг,
Сўзига кирди шайтоннинг,
Кўнгил алданмоға мойил,
Кечир, ё раб, кечирдим мен.

Тутарман ул синиқ одам
Синиқ имонига мотам,
Дилига эътиқод жо қил,
Кечир, ё раб, кечирдим мен.

У ҳам, мен ҳам қиёматда
Турармиз лол хижолатда,
Бўлиб даргоҳингга дохил,
Кечир, ё раб, кечирдим мен.

Кечир, янглишмаган ким бор,
Менинг ҳам кўп гуноҳим бор,
Одамзод асли нокомил,
Кечир, ё раб, кечир, ё раб!
1991


КЕРАК БЎЛСА

Мен бор, сенга бир ҳақгўй —
Девона керак бўлса,
Йўқман, тили қанд нодўст
Парвона керак бўлса.

Истарми сафо кўнглинг,
Бор унда саройларга,
Кел бунда, эсанг дардлик,
Ғамхона керак бўлса,

Ҳамдам ўзим, эй ошно,
Малҳам сўзим, эй ошно,
Икки кўзим, эй ошно,
Ҳайрона керак бўлса.

Бергум на керак сенга,
Жон сенга, юрак сенга,
Зардобга тўлиб кетган
Паймона керак бўлса.

Боғимни макон этган
Эй сиз гала бойқушлар,
Кўксимга қўнинг, Сизга
Вайрона керак бўлса.

Вайрон чаманим водий,
Кўксимда унинг доди,
Фарёдга қулоғинг оч,
Фарғона керак бўлса.

Найлай, бу оғир сўзлар,
Қувманг мени, эй дўстлар,
Оқиллар аро битта
Девона керак бўлса.
1991


ЙЎҚНИ ҚАНДОҚ БОР ЭТАЙ?

Бенажот кўнглимни қандоқ
Сўз билан изҳор этай?
Қай илож бирлан иложсиз
Ҳолатимошкор этай?

Неча заҳматлар чекиб ҳам
Топмагач ақлу ҳушим,
Қилмангиз энди насиҳат,
Йўқни қандоқ бор этай?

Ошинолар қочди мендан,
Юз ўгирди ғофил эл,
Не эди, айтинг, гуноҳим,
Мен уни такрор этай?

Тўғри сўз туққанга ёқмас,
Ҳақ экан, э воҳ, нетай,
Дўстни душман қилдим, энди,
Душманимни ёр этай.

Бул уқубат масканидан
Бош олиб кетмоқ керак,
Ўзни далли, бошпанамни
Гумбази даввор этай.
1991


ДУР БЎЛИБ ТОМГАЙМИ СЎЗ...

Дур бўлиб томгайми сўз
Киприкка ёш инмай туриб,
Марварид бермас садаф,
Синмай туриб, синмай туриб?!

Эл аро топгайми қадрин
Сўз кўнгил уммонида
Марварид тутган садафдек
Онча беркинмай туриб?!

Бу замон дарёси тездир,
Аҳли шеър истар зулол,
Сўз нетиб руҳбахш бўлур,
Дилкосада тинмай туриб.

Қалб бу оҳангар ўчоғи,
Унда сўз сўзонадир,
Қайда кескир бўлди шамшир,
Ўтга солинмай туриб.

Аҳли сўз, ғафлат элин сиз
Уйғотинг бонгсўз ила,
Кемангизга сўнгги йўлнинг
Бонги чолинмай туриб.
1991


ШЕЪРИЯТ

Сен эй умрим наҳоридан
Азизу ошино менга,
Саҳар чўлпонидек жозиб
Сочибдирсан зиё менга.

Ҳаёт ичра ҳаёт бўлдинг,
Қанот бўлдинг, нажот бўлдинг,
Кетурдинг ҳам сафо менга,
Етурдинг ҳам жафо менга.

Сеҳрли май узадинг сен,
Дилим тинчин йўқотдинг сен,
Мени ўтларга отдинг сен,
Бу не ғайбдин жазо менга.

Ёниқ жоним аро жонлар
Қилур фарёду афғонлар,
Мудом кўксимда исёнлар
Бўлибдир юз бало менга.

Дилим чарчаб хатолардан,
Эл ичра можаролардан,
Қочар бўлсам, низолардан
Яна сен ошино менга.

Ҳимоятсиз замон ичра
Халоскор бўл бу жон ичра,
Вафо қилмас жаҳон ичра
Ўзинг қилғил вафо менга.

Ўтар ғавғоли бу онлар,
Келар осуда давронлар,
Закий эркин ғазалхонлар
Берар бир кун баҳо менга.
1991


ГУЛМИДИ, РАЙҲОНМИДИ, ЖАМБУЛ

Гулзор ичида гулмиди, райҳонмиди, жамбул,
Ё жамбулу райҳону гул узгувчи санам бул.

Валлоҳ, бу санам, одам эмас, неча сўз айтсам,
Одам дея бир боқмади, э воҳ, не одам бул?

Чақмоқ каби бир лаҳза насиб этди висоли,
Энди менга ёр турк гўзали ҳажрида ғам бул.

Излаб неча кун шаҳрида овора бўлибман,
Истанбул эмас, ошиқ учун жонга ситам бул.

Шул ёшда ёниб севгини назм этса не айбким,
Эркин юраги ишқ ўтида куйгучи шам бул.
1992


СЕВГИ КЕЛСА

Севги келса қадди ё ҳам ёш бўлур,
Севгисиз жонона ҳайкалтош бўлур.

Меҳри йўқ дилдорни қучма, тошни қуч,
Тош сенга малҳам бўлур, сирдош бўлур.

Севги фаслида тикандан гул унар,
Севги кўйида шамол фаррош бўлур.

Кўнгли ётлар базми жамшиди — азоб,
Ёр билан бўл, қум есанг ҳам ош бўлур.

Чин муҳаббат минг жафога дош берар,
Лек хиёнатга у бебардош бўлур.

Бевафоликни яширсанг, ер кўмар,
Лекин осмонларда бир кун фош бўлур.

Ғурбат ичра ботди мағрибга қуёш,
Уфқ эмас гулранг, бу қонли ёш бўлур.

Ишқ йўлин фирдавс йўли деб англагил,
Пок дилинг, Эркин, бу йўлда бош бўлур.
1992


ЖОН ТУГАМАЙДИР

Оламда аёл мадҳига достон тугамайдир,
Чун ишқ тугамас, ишқдаги армон тугамайдир.

Назм этди тугал Ҳофизу Саъдию Навоий,
Не қолди, деманг, шоири даврон тугамайдир.

Гар арсаи ашъор эса ишқ баҳсига майдон,
Майдонда чавандоз кўпу, майдон тугамайдир.

Ҳусн аҳли учун бўлмас адо нозу адолар,
Ишқ аҳли учун нолаю афғон тугамайдир.

Ҳар неки ёнар, йўқ бўладир, лекин ажабким,
Мангу ёнарак ишқ ўтида, жон тугамайдир.
1993


СИР АЙТАР ҒУНЧАГА ҒУНЧА...

Сир айтар ғунчага ғунча,
Кўнгил кўнгилни англайдир.
Кабутарни кабутар ўпгаю
Гул гулни танлайдир.

Мисоли икки юлдузни
Қўшар тақдир йигит, қизни,
Агар ёр англамас бизни,
Илож не, шўр бу манглайдир.

Чаманлар ичра ранг танлаб,
Паривашлар бўяйдир лаб,
Менинг ёримлабин, ё раб,
Юрак қонимга ранглайдир.

Қоши ҳамўсмадан зангор,
Дема зангор, эрур зангбор,
Нечукким қон тўкиб хунхор
Қиличлар бўйла занглайдир.

Ғаму ҳажру жафоларда
Ёнар булбул наволарда.
У булбулмас, самоларда
Менинг додимжаранглайдир.
1993


БЕВАФО ДЎСТЛАРГА

Кошки, бўлсайдим вафосиз
Ошинолардан бўлак,
Ошинолар йўқ, нетай, бу
Бевафолардан бўлак.

Битмади пешонамизга
Дўсти содиқким, бу хил
Бизга бепарво, ўзига
Маҳлиёлардан бўлак.

Изладим, ҳар неча, лекин,
Топмадим бир янги дўст,
Эски ул инсофсиз, аммо,
Бериёлардан бўлак.

Дўст хато қилсин,
Қаторидан хато, лек, қилмасин,
Қилмадимбир иш агарчи,
Мен хатолардан бўлак.

Суҳбаторолар, наволар
Қайда суҳбатлар аро,
Гаплар ичра энди гап йўқ
Нарх-наволардан бўлак.

То бу дам девона кўнглум
Ул вафосизларни дер,
Не қилайки, ошно йўқ
Бевафолардан бўлак.
1994


БИЗ АНГЛАМАГАН ЖАҲОН ЭКАН ИШҚ

Ошиқлик иши ёмон экан-ку,
Ошиққа балойи жон экан-ку.

Ишқ ханда бўлиб кўнгилга киргач
Кўнгилда тўла фиғон экан-ку.

Васлида қувончи ошикоро,
Ҳижронда ғами ниҳон экан-ку.

Ишқ дарду азоби, хажри бир ён,
Рашк оташи бир томон экан-ку.

Аввалда жаҳон кўзингга гулшан,
Охирда ва лек хазон экан-ку.

Ишқ олами ўзга олам эркан,
Биз англамаган жаҳон экан-ку.

Кўнгилни бериб қўйибмиз осон,
Ёр севмаганинг осон экан-ку.

Ҳар неки ёнар, замонки сўнгай,
Ишқ оташи безамон экан-ку.

Бор бўлсин омон у беомоним,
Дарди била жон омон экан-ку.

Боғландим ўз ихтиёрим ила,
Эркин бўлишим гумон экан-ку.
1994


ЭЛ НЕТИБ ТОПҒАЙ МЕНИ...
(Навоий ғазалига мухаммас)

Кўнглим айтур, севги домига асир тайёраман,
Дер кўзим, ҳижрон туни зор йиғламоқдин қораман
Жон дегай, ўт ораман, тан айтадир, минг пораман,
То муҳаббат дашти бепоёнида овораман,
Ҳар балият келса ишқ ошубидин бечораман.

Ул хазон фаслидаги саргашта бир япроқ манам,
Айрилибдурман чамандан, масканим дашти адам,
Изламанг ҳаргиз нишоним, топмагайсиз зарра ҳам,
Эл нетиб топғай мениким, мен ўзимни топманам,
Бўйлаким ишқу жунун саҳросида овораман.

Карбало даштида кўрган оҳулар бирлан мани,
Англади Мажнун билан бир жон мани, бир тан мани.
Ёнди жон, бир лайливашнинг дарди куйдирган мани,
Оҳ дуди ичра бир учқун каби кўрган мани
Билдиким, ҳижрон тунига кавкаби сайёраман.

Қошларинг ҳижронида ёйдек эгилсам не ажаб,
Ғунча лаълинг ишқида бағримни тилсам не ажаб,
Шамъи ҳуснинг шавқида ўтга ёқилсам не ажаб,
Кеча ўртансам, саҳар фарёд қилсам не ажаб.
Ишқ аро парвонаю булбулга мен ҳамкораман.

Хўблар васли ғанимат, хизматини айла хўб,
Нури дийданг шамъ этиб тут, қоматингни айла чўб,
Борида қадрига ет, кетганда тупроғини ўп,
Эй Навоий, борди деб аҳбоб таъзир этма кўп,
Ит каби мен эргашиб ул коривонга бораман.
1995


МЕНДА БОР ИШҚ ИЧРА ҒАМ...

Менда бор ишқ ичра ҳам,
Ҳажр ичра дард ул ойда йўқ,
Дардни дард билмас кишига
Сўзламоқдан фойда йўқ.

Кўз ёшим кўрганда сой ҳам
Шарқираб кулса не тонг,
Бор менинг кўксим аро
Тошқинки, ҳеч бир сойда йўқ.

Дард билан қормиш илоҳим
Лойимиз тақдир азал,
Ўзга дардин англамоқ лек
Биз қорилган лойда йўқ.

Олам аҳли ичра дилдош
Излама, кезма жаҳон,
Зарга зор ҳар ерда бордир,
Зорга зор ҳеч жойда йўқ.

Майли, зар сизларга бўлсин,
Менга зор ишқ ичра бас,
Бу хазинам аҳли дунё
Ичра ҳеч бир бойда йўқ.
1995


УЧ СЎЗДА БИР МАЪНО

Сенга Оллоҳ, Ёр, Тангрим
Чирой, Кўрку Жамол бўлмиш,
Чирой, Кўрку Жамолинг
Менга Орзу, Ўй, Хаёл бермиш.

Жафо бирла вафо ичра
Жаҳону Очину Олам
Сену менга Етуклик
Сарбаландию Камол бермиш.

Сени кўрмишди Айну Чашму Кўз
Туш, Хоб, Маноминда
Лабинг, Лаълинг, Дудоғинг
Бу на дарё деб савол бермиш.

Қўлинг, Дастинг, Ядингда
Май, Шароб, Соғар тутиб масрур
Лисонинг, Тил, Забонингким,
Асал, Шаҳд ила Бол бермиш.

Ўзингга, Васлу Дийдорингга етмоқ
Гар насиб эрмас,
Менга Тақдир, менга Ёзмиш,
Менга Рўзи завол бермиш.

Сенга Эркин ғазал битмишки,
Шарт уч сўзда бир маъно,
Дарий, туркий, аробийда
Сухан, Сўзу Мақол бермиш.
1995


РАҚҚОСА

Базм аро ноз бирла жонон ўйнаса,
Не ажаб, жисмимаро жон ўйнаса.

Силкиниб гуллар чаманда уйғонур,
Қарси бармоқ бирла хандон ўйнаса.

Оқ нилуфар сувда оққандек эрур,
Оқ кийиб сокин хиромон ўйнаса.

Ногиҳон кўнглимда ёнгай минг чироқ,
Нур сочиб хуршиди тобон ўйнаса.

Даврада ўйнар пари, андоқ бўлур,
Ой тўлиб юлдузли осмон ўйнаса.

Кўлда оққуш рақси бундоқ бўлмагай,
Бунча бўлмас тоғда жайрон ўйнаса.

Онча мушкоро эмас гулшан аро
Ел туриб жамбулу райҳон ўйнаса.

Кўз сузиб кўзимни хайратга солур,
Маст қилур бошимни мастон ўйнаса.

Рақсини соғинди жон, оҳ келса-ю
Дил уйида бўлса меҳмон, ўйнаса.

Зарра армон қолмагай кўнглимда, ёр —
Қолмайин кўнглида армон ўйнаса.
1995


ЁД ЭТИНГ
(Қурбон бўлган аскар нидоси)

Мен қаро тупрокда ётган ўғлингизман, ёд этинг,
Интизор руҳим тиловат бирла йўқлаб шод этинг.

Қолмишам олисда беқабру кафан, беном-нишон,
Хотиримга кўнглингизда бир макон бунёд эдинг.

Ҳар баҳор қутлуғ зафар айёмида сайр этсангиз,
Лолаларга термулинг, покиза қоним ёд эдинг.

Мен ҳаётда бир фарах кўрмай ҳаётдан ажрадим,
Бахтингиз қадрин билинг, андуҳингиз барбод этинг.

Жангга кирдим, жон фидо этдим ватан тупроғи деб,
Меҳри жонимда тирикдур, сиз уни обод этинг.

Мен олис элларда қолган ўғлингизман, ёд этинг,
Интизор руҳим тиловат бирла йўқлаб шод этинг.
1995
 
- БЕДОРЛИК -

Сенга минг ташаккур, ғафлат тазоди,
Ширин туҳфанг — аччиқ азоблар учун.
Сендан розидирман икки дунёда,
Сен боис чун икки умрим зиёда.
Шавқу дардинг билан бор бўл, уйғоқ тун.


ЖУМАДАН ҚОЛГАН ОДАМ
(Бидъат тарихидан бир лавҳа)

Бу сизга бир ҳикоя:
Чорак аср муқаддам
Ўсал ётар эди чол,
Сўнар эди мисли шам.
Узоқ-яқин қариндош
Атрофида бўлиб жам
Видо айтар эдилар
Қадлар эгик, кўзлар нам.

Кеча соппа-соғ эди,
Эй, воҳ, қисмат экан-да,
Ажал бўғиб турибди
Оғзи ошга етганда.
Фалак иродаси шу,
Не қилсин шўрлик банда,
Азал тақдир буйруғи
Баробар ҳаммага ҳам.

Ҳа, ўлмоқ бор муҳаққақ
Ҳар кимсанинг бошида,
Лекин ўлмоқ савоб-ку,
Пайғамбарнинг ёшида.
Яна эрта жума кун
Тургай меҳроб қошида,
Яхши кундан буюрди,
Мўмин эди ва ҳотам.

Кампир тахмонни очди,
Кафанликни олдилар.
Эркакларга тўн, белбоғ
Ахтаришиб қолдилар.
Катта уй ўртасига
Ўликка жой солдилар.
Ҳовлию эшик олди
Супурилди зап шинам.

Қори почча келдилар
Дарбозадан йўталиб.
Ювғучи ҳозир бўлди
Бўйрасини кўтариб.
Амма самовар қўйди
Тарашани тутатиб.
Тонгдан тумонат келса
Шошиб қолмаслик — шу ғам.

Қазнокдан чиқарилди
Маъраканинг уни ҳам,
Тугиб қўйилди тайёр
Домланинг тугуни ҳам.
Белгиланди ҳаттоки
Йигирманинг куни ҳам,
Ҳамма нарса бадастир,
Фақат битта ўлик кам.

«Пуховой» рўмол билан
Хола боғлади белин,
Хабарлашга бошлади
Ҳар кимўз уруғ — элин.
Жанжаллашиб ҳам олди
Ўртада икки келин,
Алам ўтган ҳиқиллаб
Йиғлар эди: «Вой, додам!»

Ҳеч кимсанинг иши йўқ
Дардга мубтало билан.
Қизлар сандиқ билан банд,
Кампирлар дуо билан.
Бир вақт тунни уйғотиб
Чинқириқ садо билан
Чироқлари пирпираб
Келиб қолди «Тез ёрдам».

Ҳамма суюниб кетди,
Деб ўйларсиз, бор бўлинг!
Ён қўшни Жаннат биби
Докторнинг тўсди йўлин,
Тўнғич қиз доно бўлиб,
Тутди ҳамшира қўлин:
«Игна санчиб қийнаманг,
Тайёр ётибди отам.

У доим оз оғриғу
Осон ўлим тиларди.
Бобомдек олтмиш учда
Ўлишини биларди.
Айниқса жума кунни
Кўп илтижо қиларди,
Муроди ҳосил бўлди,
Оёқ чўзсин хотиржам».

Доктор қулоқ солмади,
Бўш келмади ҳамшира,
Бўш келмади, ноль учга
Хабар қилган набира.
Липиллаб турган у шам
Шу тун бўлмади тийра,
Ўсал кўзини очди,
Жумадан қолди мотам.

Эрталаб икки ўғил
Ишга кетди сўппайиб,
Девор тагида тобут
Қолаберди дўппайиб,
Юрганча юраберди
Икки келин хурпайиб.
Жанжалнинг боисини
Икков ҳам айтмас, дам-дам.

Яна кўп жума ўтди,
Ой-йиллар ўтди қатор,
Саксон саккизга борди
Ўлдига чиққан бемор.
Ҳар ёшига бир таноб
Боғ ўстирди мевазор.
Юзни мўлжаллаб турар
Жумадан қолган одам.

Набиралар сони ҳам
Юзга борди, чамаси,
Ҳар жума чол уйида
Йиғилади ҳаммаси.
Келар докторни қувган
Хонадоннинг аммаси,
Кулиб-кулиб эслашар,
Ҳар жума бўлар байрам.

Мана, яшаб юрипти,
Умри экан зиёда.
Уни ўлди деганлар
Кўплари йўқ дунёда.
Жаннат биби жаннатга
Кетди бултур жавзода,
Қорини ўн йил бурун
Олиб кетган зотилжам.

Бақар йили тупроққа
Қўйган гўрков дўстини,
Чол ўзи тўғраб берган
Йил ошининг гўштини.
Қадрдондан ёдгор деб
Ўз қабрининг устини
Гул қилиб, тиклаб қўйган
Кичкина сағана ҳам.

Чол айтар, олтмиш уч не,
Саксон саккиз нимадир,
Умр гўё дарёдан
Сузиб ўтган кемадир.
У соҳилга етмоқ бор
Пайшанбадир, жумадир,
Лекин жадаллаштириш
Бунда не керак, бўтам?

Шошманглар, у дунёни
Кўрдим, унча ёқмади,
Равзаи Фирдавс ичра
Оби кавсар оқмади.
Кампирим дуруст экан,
Ҳурлар менга боқмади.
Аразладим, қайтвордим
Тўғри келмади Эрам.

Болаларим, сўнгги гап:
«Ётиб қолсанг, ёт куймас,
Бир-бировни авайланг,
Ўлган билан ер тўймас.
Энди сиз ўлтиринглар,
Мен ҳавода бир нафас...»
Деру ўрнидан туриб
Боғ сари қўяр қадам.
1987


БИЗДАН КЕЙИН ҲЕЧ БИР АВЛОД ҚАЙТА ҚУРМАСИН

Олғир учун қайта қуриш —
Бир қозон шўрва,
Элдан бурун коса олиб
Чопмоқ бўлади.
Худбин учун қайта қуриш —
Каттакон кўрпа,
Бир амаллаб ўз устини
Ёпмоқ бўлади.

Жоҳил учун қайта қуриш —
Найза урмоқдир,
Энг қобил, энг пок юракни
Нишонга олиб.
Бизнинг даврон келди дея
Димоғи чоғдир,
Биладики, тош биллурдан
Ҳамиша ғолиб.

Қайта қуриш —
Сафсатабоз учун бир чолғу,
Унга эски оҳангларни
Тез жо қилади.
Бир хил тинғир-тинғирини
Чалабериб у,
Энг табаррук қўшиқни ҳам
Расво қилади.

Бюрократга қайта қуриш —
Дорбозлик демак,
Мувозанат лангар чўпин
Қаердан тутсин?
Бугун омон, эрта тамом,
Ширин жон ҳалак,
Тарих ортга қайтмас,
Шўрлик нимани кутсин?

Қайта қуриш —
Омади йўқ шоирга — қудуқ,
Искандарнинг шохи бор деб
Секин айтади.
Бу қудукда қамиш унмас,
Гапдан фойда йўқ,
Фақат қорин шишганини
Ёзиб қайтади.

Бу бошлиққа қайта қуриш —
Шахмат ўйини,
Ҳар кун шахмат доналарин
Қайта терар у.
Коллегия эслатади
Девлар тўйини,
Нечта жонни янчганидан
Рапорт берар у.

Кўр тутганин қўймас экан,
Эшитганин кар,
Бу одамнинг миясида
Беш-ўнта шиор.
Коммуна деб атар бўлса
Очликни агар,
Принципга содиқ —
Очдан ўлар бахтиёр.

Бу олимни —
Замбаракка ўхшатиш мумкин.
Орқа билан жангга кирар —
Сабаби аён.
У орқага қараб туриб
Ўтмишнинг мулкин
Тўпга тутса
Қолар тарих ўрнида тўзон.

Дерлар: урсанг эти қотар,
Гар сўксанг — бети,
Одамзод ҳам айланар ер
Курраси билан.
Бу кас аввал орден билан
Мақтанар эди,
Бугун эса мақтанади
Ғурраси билан.

Ҳар оғизга бир-бир куйдик
Биз аччиқ дори,
Ўзимиз-чи?
Ўзимизга
Не қайта қуриш?
Биз учун у омбир!
Оғриқ тишлар қатори,
Миямизда занглаб қолган
Михни суғуриш.

Қайта қуриш — кетмон,
Бир вақт пастдан юқори
Қазилган у терс ариқни
Ўрнига буриш.
У — бульдозер —
Манманликдан топилган бари
Иллатларни кечаги кун
Жарига суриш.

Ҳўжакўрсин қабристони,
Ёлғон мозори,
Эгасизлик гўрин ясаш —
Бу қайта қуриш.
Олам аро уч мингинчи
Йиллар сардори
Ватанга мос ўрин ясаш —
Бу қайта қуриш.

Мен учун у деразадан
Кирган шамолдир,
Бу шамолдан қоғозларим
Афтодаҳолдир.
Улар учар, мен ортидан
Қараб тураман,
Шеърим, энди мен ҳам сени
Қайта қураман.

Кунлар кўрдик,
Остонада турган истеъдод
Бизнинг кўрган у кунларни
Қайта кўрмасин.
Шундай қайта қурайликки,
Энди умрбод
Биздан кейин ҳеч бир авлод
Қайта қурмасин.
1988


ЭСКИ ҲАММОМ, ЭСКИ ТОС

Қайта қуриш хусусида
Олам узра жарангос,
Давраларда баҳслар қизғин,
Баҳсларда зўр эҳтирос.
Кўп орзулар топди ҳаёт
Кўзгусида инъикос,
Аммо бизнинг томонларда
Ҳали фақат гап, холос,
Ҳаёт эса ўша-ўша:
Эски ҳаммом, эски тос.

Аввалгидек йил бошида
Йил режасин бичамиз,
«Бажарамиз» қасамини
Яхна чойдек ичамиз.
Сўнг ўн бир ой сусткаш умр
Дарёсида кечамиз,
Йил сўнгида: «ҳайда-ҳайда»,
Ой сўнгида: «бос-ҳа, бос!»
Қоидамиз ўша-ўша:
Эски ҳаммом, эски тос.

Биз мажлиссиз яшолмаймиз,
Мажлисга ҳам план бор,
Мажлис дема — жанггоҳ! Сени
Пийпалашга гилам бор,
Содда бўлма, у гиламга
Тайёргарлик билан бор,
Чап беришни, чалишни бил,
Жавоб зарбин ўрган хос.
Ишни бўлса... иш маълумгап:
Эски ҳаммом, эски тос.

Кимга керак ташаббускор,
Билгувчи йўл-йўриқни?!
Ташаббускор ишни бузар
Кутмай юксак буйруқни.
Бизлар эсак — камтар одам,
Қовуштириб қуллуқни,
Жим турамиз, биламиз-да,
Жим туришга бор асос.
Бизга асли жуда мақбул
Эски ҳаммом, эски тос.

Қандай асос, дерсиз. Раҳбар
Сўзи доим сўз бўлган,
Унга «қарши», «бетараф» йўқ,
Овоз доим юз бўлган,
У истаса икки беш қирқ,
Икки ўн тўққиз бўлган,
Тарихга боқ, раҳбарингни
Шаҳаншоҳга қил қиёс,
Аъёнлару гумашталар...
Эски ҳаммом, эски тос.

Кимки баланд учмоқ бўлса,
Бўлса ҳам у отамиз,
Асло парвоз қилдирмаймиз,
Оёғидан тортамиз,
Амаллаймиз, бўйнига бир
Маломатни ортамиз.
Деймиз, сени биз эҳтиёт
Қилмоқдамиз, Мирғиёс,.
Баланд учма! Тинч сенга шул
Эски ҳаммом, эски тос.

Бозоримиз ўша бозор,
Олой, Эски Жўвамиз,
Мақол ўша, пул бўлса гар
Чангалдадир шўрвамиз.
Бир тўрва пул билан тушсак,
Тўлиб чиқмас тўрвамиз.
Баракалла, эпчил йигит,
Қандингни ур, Мирваққос,
Касбинг ўша, нафсинг ўша:
Эски ҳаммом, эски тос.

Дўконимиз ўша дўкон,
Унга ҳам ҳеч ривож йўқ,
Пул чангаллаб, кўнгилдаги
Мол топишга илож йўқ,
Турмуш дерлар, бола-чақа,
Кимда ҳам эҳтиёж йўқ,
Ҳар юлғичга қуюқ салом,
Ҳар ўрридан илтимос.
Ҳолатимиз ўша-ўша:
Эски ҳаммом, эски тос.

Содда, мўмин одамлармиз,
Кўнгилда йўқ киримиз,
Оламҳайрон, англолмас не
Бу юввошлик сиримиз.
Биз жим турдик, ўлди Орол,
Битди Аму, Сиримиз,
Авлодларга қолар бўлди
Заҳарланган ер мерос,
Дод фарёддан не наф, амал —
Эски ҳаммом, эски тос.

Фарзандларни биз не учун
Келтирамиз дунёга
Ақлу қалбин, умру бахтин
Тўлдирмасак зиёга?
Туғдирмоғу туғмоқ биздан,
Қолган умри худога.
Яна бахтли болаликдан
Солурмиз айюҳаннос.
Наҳот, бўлгай эртамиз ҳам
Эски ҳаммом, эски тос.

Хўп иш бўлди, ўзбекмас деб
Айтдик Ибн Синони.
Гар мўъжиза тирилтирса
Ул табаррук сиймони,
Болаларнинг ўлимидан
Қирқ газ сакраб имони,
Дерди, наслим, билмадимё,
Папуасми, эскимос.
Гаплар ошкор, ишлар эса
Эски ҳаммом, эски тос.

Бизга ишдан ҳеч гапирманг,
Гап сотишга устамиз,
Юк тортишмас, бировларга
Юк ортишга устамиз.
Ўлганларнинг орқасидан
Тош отишга устамиз,
Тиригида деймиз фақат
Пайғамбарлик сизга хос.
Ялтоқилик ўша-ўша:
Эски ҳаммом, эски тос.

Дилимизда гапимиз кўп,
Айтган билан битмайди,
Лекин дардлар чорасига
Гапнинг ўзи етмайди.
Бундан буён аравада
Жимўтириш кетмайди,
Йўқса, тарих бир кун биздан
Олажакдир алқасос,
Насибамиз бўлгай мудом:
Эски ҳаммом, эски тос.
1988


ДИАГНОЗ

Қишлоқ докторининг айтганлари

Ҳамма билар:
Тиббий илмда
Овруподан анча йироқмиз.
Ҳамма бало, менинг наздимда,
Диагноз қўйишга нўноқмиз.
Дейлик,
Бемор бошида оғриқ,
Бу — чарчоқдан.
Ким дер: дам олгин?
Юборамиз, текширмай ортиқ,
Думбасидан тўртта анальгин.
Касал кўриб,
Айтамиз — буйрак!
Нақ Луқмоннинг ўзи сингари.
Ўлигини сўнг ёриб кўрсак,
Илма-тешик чиқар жигари.
Э, жигарнинг иши кўп нозик,
Қишлокда йўқ, асли, соғ одам.
Дейлик,
Тўғри диагноз қўйдик,
Тепки еймиз райком тоғадан.
«Сиёсий онг қани, — дейди у,
Деҳқон соғлом!
Деҳқон — чавандоз!
Далада йўқ заҳарлик дору,
Диагнози шамоллаш деб ёз!
Сариқ касал кўпми? Камайтир,
Чорани мен айтмай ўзинг топ.
Мен эмас, сен докторсан, ахир,
Ўқиш керак газет ва китоб».
Не ёзилган анов шиорда?
«Пахтазор — бу жанггоҳ», бўлсин ёд!
Жанггоҳ бўлгач, қурбон ҳам бор-да
Бор зотил жам, заҳарланиш, бод...
Шундоқ.
Бизлар тиббий илмда,
Овруподан анча йироқмиз.
Ҳамма бало, менинг наздимда,
Диагноз қўйишга нўноқмиз.
Ҳолимиз шу,
Не узримиз бор?
Бизнинг хато завол деган сўз.
Аслида-ку жамият бемор,
Кимлар қўяр унга диагноз?
Уни даво қилгувчи кимлар?
Не савдолар бордир бошида —
Биз сингари ношуд ҳакимлар,
Зўр тағолар турса қошида.
Келажакнинг жарроҳи бир кун
Айтмасин-да, ўтиб замонлар:
— Бу юрт дарди бошқа эди-ку,
Ҳайф сизларга, жоҳил луқмонлар!
1988


УЯТЧАНЛИК

Бу қалтис дард,
Зийрак бўлинг,
Белгилари аёндир:
Бош сал эгик, қўл кўкракда,
Тил чучук, юз алвондир.

Уларга кўп дуч келганман,
Кўнглим дарҳол сезади.
Уятчанлар одоб билан
Юрагимни эзади.

Мана, унга қаранг!
Хушрўй,
Мўмингина боладир.
Порахўрмас, қўлингизни
Қайтаролмай оладир.

Дўкондор ҳамкўп уятчан,
Қизил қоғоз қасдида
Бош кўтармас.
Икки кўзи
Пештахтанинг остида.

Бу — отадир,
Аслида у
Оталикка яролмас.
Дада, дея чопиб келган
Боласига қаролмас.

Ҳамкасбим бор —
Соҳиб зиё,
Эл дардини туёлган.
Лекин ҳақ сўз айтмоққа у
Катталардан уялган.

Бу амалдор кўтарилган
Кимларгадир суялиб.
Трамвайда юрмайди ҳеч
Халойикдан уялиб.

Унга сира иш тушмасин,
Бағринг қонга бўялар.
«Хўп» дегани тортинади,
«Йўқ» дегани уялар.

Мулойим зот сеҳргардир,
Нақд қурбони бўласиз.
Кулиб туриб пичоқ урса,
Раҳмат айтиб ўласиз.

Уятчанлик эга шундоқ
Киши билмас қувватга.
Бир уятчан бутун элни
Қўяолар уятга.

Биз улардан кулсак, ичда
Улар биздан кулади.
Бу касални йўқ қилмасак
Жуда уят бўлади.
1988


* * *

Амалдорлар талашиб ўрин,
Бир-бирининг қуритар шўрин.

Тентак бермай тентакка тўрин,
Қуритади тентакнинг шўрин.

Шахматчилар излашиб зўрин,
Бир-бирининг қуритар шўрин.

Олим топиб олимнинг ғўрин,
Касбдошининг қуритар шўрин.

Қассоблар-ку ҳаммадан бурун
Танишининг қуритар шўрин...

Шоирлар-чи? Бериб қалб қўрин,
Шеър ёзмоқнинг ўрнига, кўринг —

Ўлмай туриб талашиб гўрин,
Бир-бирининг қуритар шўрин.
1988


АМАЛДОРНИНГ ЎЛИМИГА

Дод, минг дод,
Мен йўқотдимазиз кишимни!
Ўлмай ўлгур,
Битирмасдан кетди ишимни!
1988


ТЎРА ЙИГИТ

Тўра йигит, ажаб рафторинг бўлак,
Сувратинг бўлакдур, асроринг бўлак.

Менинг ошноларим девоналардан,
Парвоналар сенда, дўст-ёринг бўлак.

Лутфинг бўлакчадир, хулқинг бўлакча,
Белдан пастинг бўлак, юқоринг бўлак.

Бизнинг эҳтиёжга на парвойинг бор?
Дўконинг бўлакдир, бозоринг бўлак.

Ҳар кас охиратда хоки туробдур,
Ўшанда ҳам сенинг мозоринг бўлак.

«Элга дастёр»лигинг ўзи латифа,
Хизматингда юзта дастёринг бўлак.

На ишчи, на деҳқон, на зиёлисан,
Мустақил синфсан, қаторинг бўлак.

Эл бошига ёққан қор сенга ёғмас,
Уйинг бўлак, томинг, деворинг бўлак.

Тилдаги тилагинг ошкораликдир,
Ботинда, аёнки, шиоринг бўлак.

Халқ ўз сардорларин сайлар, лек сенинг
Орзу қилган қаттол сардоринг бўлак.

Эрк юрти бўлгай юрт, аммо сен истар
Тикан сим ўралган диёринг бўлак.
1988


УНТЕР ПРИШИБЕЕВ

Жаноб Пришибеев, сўз яна сизга!
Яна кўчаларда қўр тўкиб юринг.
Худо қувват берсин томоғингизга,
«Тарқал, эй халойиқ!» дея буюринг!

Қаранг, во ажабо, бу бемаза халқ
Яна эркинликни истаб қолибди.
Жонига текканмиш ҳокими мутлақ,
Бундоқ хом хаёлни қайдан олибди?

Келиб нуқта қўйинг бу орзуларга,
Халойиқ зотини майдондан қувинг,
Ҳақиқат қаерда — айтинг уларга,
Адолат нимадир, кўрсатиб қўйинг.

Гарчи Россиядан чиққансиз, жаноб,
Унда сизга жой йўқ, у ер ёмондир.
Халқи бетавозе, шаккок, беодоб,
Сизга муносиб жой бизнинг макондир.

Унтерлар жонига оро бу маъво,
Халки мусичадек юввош ва увол.
Минг бор жам бўл деса жам бўлмас, аммо
Бир бор, жим бўл, деса жим бўлар дарҳол.

Жаноб Пришибеев, марҳамат бизга,
Қадрингизга етиб асраб суяйлик.
Поёндозлар тўшаб оёғингизга,
Юксак мартабалар бериб қўяйлик.

Токи қайта чўксин узоқ сукунат,
Токи эл бўғзидан чиқмасин нафас.
Сокин кўчаларда сиз гоҳи фақат
«Тарқал, эй халойиқ!» деб турсангиз бас.
1989


КЎРСАТКИЧ БАРМОҚ

Умринг таҳликада, қўрқиб яшадинг,
Ёнмадинг, тутундек бурқсиб яшадинг.

Бармоқларинг ичра баридан кўпроқ
Сенга хизмат қилди кўрсаткич бармоқ.

Лабга босдинг, шифтга ишора қилдинг,
Кўпни тилсиз қилдинг, бечора қилдинг.

Бир замон кўрсаткич бармоқни қўллаб
Омон қолдинг, дорга дўстингни йўллаб.

Энди ошкорлиқдан куйиб турибсан,
Бармоқни чаккангга қўйиб турибсан.

Сирсиз ҳаёт сенга бағоят мушкул,
Юрагингда яшар итоатли қул.

Тилайсан, Берия тирилиб келса,
Норасмий гуруҳлар қирилиб кетса.

Бу кунлар тилларга бўлса-ю қармоқ,
Яна кучга кирса кўрсаткич бармоқ.
1989


ҚИСМАТ

Ширин бўлсанг, ялаб адо қилурлар,
Аччиқ бўлсанг талаб адо қилурлар.
Юрагингда оташ бўлса, беомон
Ўз ўтингга қалаб адо қилурлар.
1989


* * *

Инсон феъли ажабдан ажаб,
Йўқдир унга мезонсиз олам.
Юлдузларни ўлчар ботмонлаб,
Қаричлайди чексизликни ҳам.

Ўзи эга, ўзи қул мангу
Ўзи топган ақидаларга,
Не дей, ҳатто мангуликни у
Бўлиб чиққан дақиқаларга.

Дақиқадан соатлар йиғиб,
Кунлар тузиб ой жам қилади.
Йирламайди умр ўтди деб,
Йил ўтди деб байрам қилади.

Кўпайса-да ажинлар ҳарчанд,
Оқарса-да йиллардан боши,
Қувонади — кўпайди фарзанд,
Севинади — улғайди ёши.

Бу тугамас орзу-ҳавасда
Бор умидбахш имонга асос.
Инсон ўлмас.
Аста ва аста
Фарзандларга ўтади, холос.
1989


ЧИСТОН

Ул адиб кимдирки, доим
Катта пинжида юрар,
Мансабу унвон, мукофот,
Мулк илинжида юрар.
Тушса ҳам отдан ва лек
Ҳаргиз эгардан тушмагай,
Гар трамвай минса ҳам
Номер биринчида юрар.
1989


БИЗНЕСМЕН СЎЗИ

Сизлар қуруқлиқда турган одамлар,
Биз денгизда сузиб юрган одамлар.
Хотиржамсиз, сизга ҳавас этамиз,
Биз бир лаҳза тинсак чўкиб кетамиз.
1989


БЎРИ ЧАҚИРГАН МАЖЛИС ВА БЕОДОБ ОТ ҲАҚИДА ЛАТИФА

Бўрининг қорни тўйди,
Гўшт ҳамтегди жонига.
Эчки, қуён, от, қўйни
Чақирди у ёнига.

Деди: ҳозир тўқ пайтим,
Фойдаланиб қолинглар.
Менга дашномлар айтиб,
Танқид қилиб олинглар.

Қани, бошла, қуёнбой,
Бир эшитай сўзингни.
Ботирсан-ку, бийронбой,
Кўрсатиб қўй ўзингни.

Ўртага чикди қуён,
Авайлаб ўз жонини.
Ўлтирар бўри полвон
Қашлаганча қорнини.

Қуён деди: «Минг раҳмат,
Менда ҳеч шикоят йўқ.
Сиздек олий марҳамат
Соҳиби иноят йўқ.

Мен қулингиз на дердим,
Сизга фидодир жоним...»
Бўри хурсанд ҳайқирди:
— Баракалла, Қуёним.

Бунча ширинсан, оқил,
Чидаш қийин, не дейман.
Ҳозир тўқман, тонгда кел,
Наҳорга сени ейман.

Қуён кетди бош эгиб,
Мунғайганча дилхаста.
Сўнг қўйга навбат тегиб
Минбарга чиқди аста.

Деди: Ҳеч вақт ҳеч бўри
Биздан ҳол сўрган эмас.
Минбар бериб, жой тўрин
Муносиб кўрган эмас.

Бу обрў, бу ҳурматдан
Мен теримга сиғмадим.
Бундай зўр марҳаматдан
Таъсирланиб йиғладим.

Бизлар мўмин, маъқул эл,
Раҳм эт, ўзга не дейман.
Бўри деди: индин кел,
Сени тушликка ейман.

Қўй кўз ёш тўқди баъраб,
Исён қилмади лекин.
Кетаркан маъюс қараб,
«Раҳмат» деб қўйди секин.

У кетгач келди навбат
Узунсоқол эчкига.
Унга тегди таклиф хат
Пайшанба кун кечкига.

Ниҳоят охирги гап
Навбати отга етди,
У бўрини мўлжаллаб
Жағига чунон тепди.

Олов сачраб кўзидин
Бўрида жон қолмади.
Кетганича ўзидан
Қайтиб тураолмади.

Ҳамон унутмас отнинг
Бу ишин ва дер ҳар вақт:
— Мендек демократнинг
Падарига минг лаънат!

Бемаъни мажлисга мен
Икки дунё қайтмайман.
От — беодоб, от ўлсин,
Зиёфатга айтмайман.

Лекин унга тан бериб,
Ичида «қойил» деди.
Қуён, эчки ва қўйни
Айтган вақтида еди.
1989


УЧКЕКЕН БОЗОРИДА

Бир куни қиш чилласида,
Қаҳратоннинг қорида
Сайр этиб юрдик учовлон
Учкекен бозорида.

Учкекенни биз кўрибмиз,
Сиз у ён қўйманг қадам
Осилиб ўлмай десангиз
Нарх-навонинг дорида.

Битта кўйлак битта минг сўм,
Поча пўстин ўнта минг,
Учкекенга ёрин элтсин
Қасди борлар ёрида.

Учкекенда бор харидор
Бенажот, ҳайрону лол,
Зўр такаббур аҳли чайқов
Феълида, атворида.

Гар бозор шу бўлса бозор —
Эл учун озор экан.
Учкекендан қочдик уччов
Ақлу хушнинг борида.
1990


ШОҲЛАР ОРЗУСИ

Амал тегмаганлар ичидан бўзлаб,
Мартаба завкини тотсам, дер экан.
Амалга минганлар юксакни кўзлаб,
Қадамни каттароқ отсам, дер экан.

Сардор вазирликни ҳар кун туш кўриб,
Вазир илож топса шоҳни ўлдириб,
Ярим кун бўлса ҳам тахтга ўлтириб
Шон-шавкат ганжига ботсам, дер экан.

Шоҳ нима истайди, унга нима кам?
Улус ғавғосидан боши тўла ғам,
Тинч кулба бўлсаю ёвғон ичсам ҳам
Бирор дам хотиржам ётсам, дер экан.
1990


ШУМ БОЛА

Шундоқ деди, қуллуқ қилиб,
Гапни қўйиб жойига
Янги замон Шум боласи
Янги замон Бойига:

«Қошингизга яна келдим,
Қулоқ солинг, Бой ота,
Сидқи дилдан хизмат қилай,
Ишга олинг, Бой ота.

Фазилатим кўпдир, яна
Айбимни ҳам айтганман.
Лекин энди янги замон,
Мен ёлғондан қайтганман.

Чунки энди ёлғонни ҳеч
Айбгина деб бўлмайди.
Алдаганни бало урмас,
Алданган ҳам ўлмайди.

Шарт эмас Шум бола бўлиш,
Ёлғон букун осондир.
Газет тўла, китоб тўла,
Мажлис тўла ёлғондир.

Битта йиғин — Котибият,
Битта йиғин — Раёсат.
Ёлғон энди давлат иши,
Ёлғон энди Сиёсат.

Иннайкейин демай туринг,
Қулоқ солинг, Бой ота.
Сидқи дилдан хизмат этай,
Ишга олинг, Бой ота.

Ўн кишилик меҳнат қилиб,
Парча нонга тўяман,
Бир айбим бор, фақат баъзан...
Рост гапириб қўяман».

Бой отанинг жаҳли чикди,
Деди, кўнглим зормиди?
Ёлғонингга чидаб эдим,
Рост гапинг ҳам бормиди?

Йўқол, сени ишга олсам
Хонавайрон бўламан.
Ёлғонингдан омон қолдим,
Рост гапингдан ўламан!

Ғазаб билан ҳассасини
Қўлга олди Бой ота.
Янги замон Шум боласин
Қувиб солди Бой ота.
1991


БИЗЛАР АРРА ТОРТМОҚДАМИЗ

Бизлар арра тортмоқдамиз,
Аррамизнинг тиши йўқ.
Нега арранг тиши йўқ, деб
Сўрайдиган киши йўқ.

Чунки бизлар анойимас,
Пишиб кетган кўзимиз.
Арра тушган ўша шохда
Ўлтирибмиз ўзимиз.
1991


ОҒРИҚЛИ САВОЛЛАР

Чойхонада ошхўрликни бахт деб билган оғайни,
Шу бир кунлик халоватни накд деб билган оғайни,
Қумурсқадек тирикликдан ўзга ғами бўлмаган,
Дил олами, ишқ олами, руҳ олами бўлмаган,
Имонни ҳам, виждонни ҳам қурбон қилган ҳалқум деб,
Сени хаёл қилдимми мен куйганимда халқим деб?
Эл мулкини бир чеккада тинч кемириб ётган зот,
Беш тийинга қадрини ҳам, халқини ҳам сотган зот,
Кўкрагида на ҳиммату на ғайратдан асар бор,
Юрагида на орият, на шавқ бор, на кадар бор,
Умрида ҳеч қилган эмас мулкдан ўзга бир ният,
Сени дея тиладимми юракларга ҳуррият?
Эй, кўнгилда можаролар орзу қилиб ётган жон,
Тангринг — амал, мартабадир, пайғамбаринг — шуҳрат, шон.
Бу давлатга ўт кўясан, йўқотасан хилқатдан,
Гар ҳокимлик тегар бўлса сенга янги давлатдан.
Қуруқ гапдир сенга Ватан, халқу озод истиқбол,
Сенинг учун истадимми юртимга мен истиқлол?
Мудом кураш азобини фидойилар кўрганлар,
Инқилоблар ҳосилини муттаҳамлар ўрганлар.
Сиз ҳам бугун панадасиз, жангга бизни қайрайсиз,
Биз бу жангда шаҳид бўлсак, аввало сиз яйрайсиз.
Ғофил халким! Тингларманми сенинг наъра — унингни,
Кўрарманми зулуклардан озод бўлган кунингни?
1991


БУ ЗАМОН ҒАЗАЛИ

Тиллашибдир бўри бирла тозилар,
Бирлашибдир ўғри бирла қозилар.

Не деб айтар ул баобрў анжуман?
Қўл кўтарсин ушбу ҳолга розилар.

Зўр баҳодирмиз, жасорат биздадир,
Пашша қонин тўккан эй мард ғозилар.

Биз чунон хизматга белни боғладик,
Борми ҳиммат ўлчагич торозилар?

Бизга нелар дер халойиқ бу замон?
Нелар айтар келгуси ҳам мозилар?

Мен ғазал ёзмоқчи эрдим, не қилай?
Бу замон тарихга шундоқ ёзилар.
1991


ТУШ

Бир ой бўлди,
Такрор-такрор
Мен бир хил туш кўраман,
Тушларимда мудраб юрган
Эл ичида юраман.
Улар билан
Мен ҳаммудраб
Аста қадам судрайман.
Бу — туш, дейман,
Уйғон, дейман,
Уйғонолмай мудрайман.
Ҳар тун шу ҳол,
Фалак берган
Бу не бало қийнокдир!
Эй худойим,
Эй худойим,
Кечанг бунча узокдир?!
1991


СЕНИНГ ШАЪНИНГ

Ёзиб ўрганмаганман
Байрамга қасидалар,
Баландпарвоз хитоблар
Тилимга келақолмас.
Юракни қийнаб турган
Сўзи бўлмаса агар
Шоирни ундаш бекор,
Қўлига қалам олмас.
Лекин букун кўнглимда
Айтадиган гапим бор,
Зафару шодиёна
Фақатгина баҳона.
Мана, сен рўпарамда,
Жигарбандим— пахтакор,
Кўкрак кериб турибсан
Ҳалол, танти, мардона.
Хирмонинг пахта билан,
Қалбинг ифтихор билан,
Кўзларинг бахтиёрлик
Нури билан тўлибдур.
Буни мардлик дейдилар
Ўз сўзда қарор билан,
«Ўзбек иши» дегани
Мана бундоқ бўлибдур.
Кексаларнинг сўзи бор,
Қўлни очиб дуога,
Ерга қаратма, — дерлар, —
Икки дунё кўзимни.
Имонимдан айирма,
Етказгин муддаога,
Дўсту душман олдида
Ёруғ қилгин юзимни.
Юзнинг ёруғ бўлгани
Асли шудир биродар,
Ғаразгўй ичи куйиб,
Дўстлар яйраб кулибдур.
Ўзбекнинг кимлигини
Билиб қўйсин баъзилар,
«Ўзбек иши» дегани
Мана бундоқ бўлибдир.
Эй, сен, фарқ этмагувчи
Зарпечақдан чаманни,
Касбдошим, берилмагин
Турфа қизиқ гапларга.
Ҳеш қилиб кўрсатмагин
Фарҳодга Ёсуманни,
Ноғора чалаберма
Томошаталабларга.
Сен ўзбек меҳнатин ёз,
Бу замингга деҳқоннинг
Умиду армонлари,
Дардлари тўкилибдир.
Бунда ҳар битта чаноқ
Қанча азоби жоннинг,
«Ўзбек иши» дегани
Мана бундоқ бўлибдир.
Унда бурчнинг фарзи бор,
Ҳеч кимсадан қарзи йўқ,
Ери каби бир умр
Саховатга яралган,
Дўстликка мангу содиқ,
Имонининг дарзи йўқ,
Матонатга турилган,
Жасоратга яралган.
Мен юрак сўзин айтдим
Зафар тўйи баҳона,
Омон бўл, она юртим,
Ғурурим, шараф-шоним.
Довонлардан ўтабер
Адил, шаҳдам, мардона,
Оқ бўлсин, ойдин бўлсин
Йўлинг, улкан карвоним.
1988


САВАҒИЧ

Савағич пахтага
Дейди:
— Қалайсан?
Қўлимга тушдинг-ку,
Шошмай тур, сени...
Савағич!
Пахтани нега савайсан?
Пахтада не гуноҳ?
Савала мени!

Пахтанинг тани оқ,
Юмшоқ бадани.
Нозик-ниҳол экин,
Шафқатинг қани?
Ахир менинг юртим
Пахта ватани,
Пахтада не гуноҳ?
Савала мени!

Кеча беҳи эдинг,
Қуридинг, сўлдинг,
Қирқилдинг, йўнилдинг,
Савағич бўлдинг.
Сен бунга пахтани
Айбдор деб билдинг,
Пахтада не гуноҳ?
Савала мени!

Боғ-роғлар кесилса,
Пахтадами айб?
Яйловлар бузилса,
Пахтадами айб?
Гўдаклар эзилса,
Пахтадами айб?
Пахтада не гуноҳ?
Савала мени!

Куни кеча эди...
Сулув келинчак
Соянгда қурганча
Рангин беланчак
Бола аллаларди...
Сўлди у чечак...
Пахтада не гуноҳ?
Савала мени!

Қўш хивич, чийиллаб
Ғазабкор, хунхор,
Бечора пахтага
Еткурма озор.
Сувинг ичган бўлса
У сендан ночор,
Пахтада не гуноҳ,
Савала мени!

Гарчи шеърда номи
Олтину маржон,
Турупдан бекадр,
Шолғомдан арзон.
Деҳқон шу арзонга
Йил бўйи сарсон,
Пахтада не гуноҳ?
Савала мени!

Мени ур, пахтани
Куйлаган менман.
Эртаю кеч уни
Ўйлаган менман,
Оламга мақтаниб
Сўйлаган менман,
Пахтада не гуноҳ?
Савала мени!

Уни мадҳ этмоқнинг
Моҳири ўзим,
Мадҳимга ишондим
Охири ўзим,
Турғунлик даврининг
Шоири ўзим,
Пахтада не гуноҳ?
Савала мени!

Элим бурч деганда
Пахтани билган,
Зарур бўлганида
Кўрпадан шилган,
Битта чаноқ учун
Одам отилган,
Пахтада не гуноҳ?
Савала мени!

Жони сабил бўлган
Инсонлар учун,
Етимлар кўксида
Фиғонлар учун,
Афсус, надоматлар,
Армонлар учун
Пахтада не гуноҳ?
Савала мени!

Кўракдек оғизни
Юмармиз ҳар дам,
Очмасам чанокдек
Дилни энди ҳам
Мен нечук шоирман,
Мен нечук одам?
Пахтада не гуноҳ?
Савала мени!
1988


ХАЛҚ НОИБЛАРИГА

Сизни халқ танлади,
Қилмади суюк,
Балки елкангизга юк ортди буюк.
Сайлаб олди мардлар ичра мардини,
Адо қиласизми мардлик шартини?
Эртага чиққан чоғ баланд минбарга,
Айта оласизми юртнинг дардини?
Азалий одатни қиласизми ё,
Ялпи қўл кўтариб келасизми ё?
Ноиблик нишонин таққач кўкракка,
Қулоқ солиб кўринг бир бор юракка.
Ул юрак тубида эл ғамидин ғам,
Доғидин кўнгилда доғингиз борми?
Агар керак бўлса Президентга ҳам
Эътироз қилмоққа чоғингиз борми?
Айни жасоратни кутар муҳаққақ
Сизга умид билан овоз берган халқ.
Хўп деб қайта берманг, нега, деб айтинг,
Биз ҳам иззат нафсга эга деб айтинг.
Ҳиммат билан туринг, бор денг арзимиз,
Тўлаб қўяйлик денг бўлса қарзимиз.
Дўстликнинг шартига риоя бўлсин,
Ҳеч ғубор тушмасин дил кўзгусига.
Камтар улушимиз, айтинг, қўйилсин
Жаҳон бозорининг тарозусига.
Не бу жаҳон узра солмак кўпкари
Шарт эса кетмаслик қозикдан нари.
Асли инқилобдан не эди мақсад?
Йўқсилликми абад, хорликми абад?
«Иўқсиллар, бирлашинг» деб ҳайқирган он,
Наҳот, йўқсил бўлсин дедик бу жаҳон?
Феълимиз шунчалар торми деб сўранг,
Бу мулкнинг эгаси борми деб сўранг!
Сиз ёлғиз ўзбекнинг дардин айтмангиз,
Азага боргандек йиғлаб қайтмангиз.
Ахир Эстонда ҳам ўша оғриқдир,
Рус қишлоғи дарди биздан ортикдир.
Ерда қиладиган ишимиз кўп, денг,
Ҳадеб отаберманг осмонга тўп, денг.
Тобакай фалакка саройлар қуриб,
Само пойгасида от суражакмиз.
Қултум тоза сувга зор бўла туриб
Заримизни кўкка совуражакмиз?
Тобакай миллиардлар элдан беизн
Ҳарбнинг ариғига оқиши керак?
Бизни босиб олмас капитализм,
Босиб олса, ахир, боқиши керак!
Сизга гап ўргатмак шоир ишимас,
Ҳар бирингиз Арбоб, ҳар бирингиз Шахс!
Дардни айтган билан дил бўлмас халос,
Гапни кўп гапирдик, иш қолди, холос,
Қарорлардан бўлдик, иложлар керак,
Ҳасратлардан тўйдик, ривожлар керак.
Сизни эл танлади,
Қилмади суюк,
Балки елкангизга юк ортди буюк.
Сиз элнинг эгилган қаддин кўтаринг,
Ноиб деган номнинг қадрин кўтаринг.
1989


ИЛЬЗА ХОНИМ

И. Л. Сиртаутасга

Она тилим!
Меҳринг бу қадар
Ўртагувчи экан жонимга.
Асир бўлиб лолу мусаххар
Термуламан Ильза хонимга.
Термуламан Ильза хонимга,
Кўзларимга ишонмай ҳайрон.
Амриқолик хушрўй олима
Сўзлар эди ўзбекча равон.
«Сиаттлга хуш келибсизлар,
Олис юртдан йўл босиб йироқ.
Танишинглар, бу йигит, қизлар
Ўзбекчадан олмоқда сабоқ...»
Дастурхонда парварда, пашмак,
Хандон писта, қип-қизил ширмой.
Атлас кийган сулув келинчак
Одоб билан узатар кўк чой.
Мен эс-ҳушим йиғмасдан ҳали
Қулоғимга дилбар куй етди.
Накамури — япон гўзали
«Тановар»га чарх уриб кетди.
Она юртим!
Меҳринг бу қадар
Азиз экан дилу жонимга.
Термулганча лолу мусаххар,
Сўз айтаман Ильза хонимга:
— Минг ташаккур ўзбек элидан,
Яшанг, дунё тургунча туринг.
Илтимосим, шогирдлар билан
Диёримга ташриф буюринг.
Келинг, сизни Она юрт учун
Фидолар бир тинглаб қувонсин.
Бу қувончдан лекин бир умр
Жудолар ҳам тингласин, ёнсин.
Ўз элати меҳридан дилин
Ёт тутганлар сизни эшитсин.
Ўз юртида Ўз она тилин
Унутганлар сизни эшитсин.
Сизни кўрсин жаҳолат, ғафлат
Уйқусида ётган бандалар.
Ўз қадрини унвон, манфаат
Бозорида сотган бандалар.
Амалдор зот ҳамқишлоқларга
Ташлагандек баланддан назар,
Чиққан чоғи баланд минбарга
Ўз тилидан қилганлар ҳазар,
Умри ўтиб Ўзбекистонда
Ассаломни билмаганлар ҳам,
Икки оғиз бизнинг забонда
Арзу иншо қилмаганлар ҳам,
Илмдаю маҳкамаларда
Лойиқ унга жой бермай ҳалол,
Ўзбек тилин эски шаҳарда
Бозор тили қилганлар хаёл —
Ильза хоним,
Сизни эшитиб,
Хатоларин билсалар эди.
Андак тилнинг қадрига етиб,
Сал инсофга келсалар эди.
Эй сиз, доно устоз олимам —
Олис юртда мунис йўлдошим,
Сизга эгай подшоларнинг ҳам
Ҳузурида эгмаган бошим.
1989


ИЗТИРОБ

Бетавфиқ раҳбарни сўкканим учун
Уч йил ётар бўлсам ётганим бўлсин,
Унинг йўқ обрўсин тўкканим учун
Тўлов берсам борим сотганим бўлсин.

Халқимга қадрингни бил десам агар,
Кураш, хақни ошкор қил десам агар,
Бу қутқу аталса давлатга зарар
Қанча азоб бўлса тортганим бўлсин.

Амалдор дер эса, тузум — мен ўзим,
Фармон фармонимдир, сўз менинг сўзим,
Мен бундай тузумдан ўгириб юзим
Тамом жиноятга ботганим бўлсин.

Тифлисда халқ узра танк юборган зот
Шаънин қилар бўлса қонун эҳтиёт,
Ўша зот коммунист бўлса, мен, ҳайҳот,
Фирқа дафтаримни отганимбўлсин...
1989


КЕРАК

Бизнинг шифокорлар инсондаги ул
Руҳий олам билан бўлгунча машғул,
Ўттиз йил бор экан, ҳозирча маъқул —
Касалхоналарга етти қопдан кул,
Ўнтадан кинначи хола керакдир.

Ошхоналарда то еб бўлгунча ош,
Вақтинча белгилаб чўнтак пул — маош,
Териб бермоқ учун сумалакка тош,
Баҳор мавсумида элликтадан ёш,
Оёқ-қўли чаққон бола керакдир.

Госпланга эса бозор аҳволин
Айтиб турмоқ учун тўрт-беш йил олдин —
Режа қилмасин то ўтган аср молин —
Олий малакали етмишта фолбин,
Келажакни айтиб турувчи керак.

Шаҳар транспортига ва ҳайратомуз,
Ёз ойлари тандир, қиш ойлари муз
Квартираларга тегмасин деб кўз,
Шаҳар Советига бир минг етти юз
Исириқ тутатиб турувчи керак.
1989


ТРАМВАЙДА

Тунда трамвайда сархуш ўспирин
Тинмай ҳайдовчига ёлворар эди.
Ана у кўчага юз қадам киринг,
Уйим ўша ерда, жон ака, дерди.

Бу — трамвай, дерди ҳайдовчи хуноб,
Темир из бор, четга қандоқ бураман?
Йигит қулоғига кирмасди жавоб,
— Беш сўм олинг, майли, ўн сўм бераман...

У сархуш йигитга ўхшайди кўнгил,
Орзулари парвоз этар қайдадир.
Талпинма, эй кўнгил,
Сен гапга кўнгил!
Ахир маконимиз трамвайдадир.
1989


ДАРДДОШЛИК

Иван ДРАЧга

Ўзга тил, ўзга урф, ўзга анъана,
Ўзга табиатли халқлар ўғлимиз.
Ягона қисматнинг ҳукми-ла яна
Нечанчи бор ёндош тушди йўлимиз.

Олис Скопьенинг тош кўчалари,
Шаҳроҳ Хрешчатик, Чорсу, Регистон,
Тюменнинг, Неванинг оқ кечалари,
Тонготар суҳбатлар... эсла, қадрдон.

Бир-бировга очдик дил сиримизни,
Баҳсларга ҳеч замон нуқта қўймадик.
Йирокда соғиндик бир-биримизни,
Дийдор кўришганда сира тўймадик.

Бизни ошно этган қалбдир шеърпараст,
Элликда кўнгилдан кетмаган ёшлик.
Алвонга ёзилган шиорлар эмас,
Юракка битилган буюк дарддошлик.

Етти ёшда эдик қирқ учинчи йил,
Биринчи синфга қўйгандик қадам.
Она диёрингни маҳв этган қотил
Ўқидан Киевда йиқилди отам.

У пайт биз оч, юпун, кўзимиз дардлик,
Гўдак армонимиз ўйимиз билан
Бошоқ териб, пахта чопиқ қилардик
Кетмонга етмаган бўйимиз билан.

Ўша пок болалик кетди қайларга?..
Эй, сен, битилмаган ўлмас достоним —
Малласоч, мовий кўз болакайларга
Она бўлган менинг Ўзбекистоним.

Йиллар ўтди, бизлар улғайган каби
Улғайди ёнма-ён бизнинг қардошлик.
Тошкент фалокати, Чернобиль ғами
Кўнглимизга солди яна дарддошлик.

Оламда не қудрат бордир, аслида
Эллар бирлигидан кўра кучлироқ?!
Унга битсам дейман улуғ қасида
Баландпарвоз гапдан қўрқаман бироқ.

Қўрқаман, оталар ёди бор қутлуғ,
Мен не табаррук сўз қилардим тортиқ
Миллионлар қалбига муҳрланган руҳ,
Қон билан битилган меҳрдан ортиқ!

Азизим, шоирсан, булар барчаси
Мендан кўра кўпроқ ўзингга аён.
Шоир — ўз халқининг юрак парчаси,
Йўқ, у юрак бўлиб туғилган исён.

Жон риштамиз замин тубида боғлиқ,
Мовий кўзларингда ошкора кўрдим:
Ўзбекистон — сенинг кўксингда оғриқ,
Украина — менинг жафокаш юртим.

Қанча ардоқласам ўрмонларингни
Гулшан боғларимни шундай суярсан.
Англайман дилдаги армонларингни,
Тупроғим дардига сен ҳамкуярсан.

Она тилинг учун ғам чекиб дилда
Нола қилсанг, кўкка учар фарёдим.
Етмиш етти пуштим сўзлаган тилда
Сўзлармикин яна етти авлодим?

Мен Киевга учсам йўлимда бесас
Орол кўзгусида жимирлар қуёш.
У Шевченко кўрган мавжли денгизмас,
У зор қўбузчининг кўзидаги ёш.

Ҳаёт бешафқатдир, вақт эса қаттол,
Табиатга ўтмас зулму даъволар.
Биздан мерос қолар наҳотки беҳол
Нашаванд далалар, сувсиз дарёлар?!

Йўқ! Ҳеч ишонмайман! Имон бор! Халқ бор
Метин иродалик ва олтин бошлик.
Қардошлик сидқи бор мангу устивор,
Бор азалу абад бизнинг дарддошлик.

Русмиз, молдаванмиз — замин биттадир,
Ҳиндумиз, испанмиз — биттадир ҳаёт.
Киприкда томчидек қалқиб турган ер
Букун сену мендан кутмоқда нажот.

Насибамиз шудир, қисмат йўқ бўлак,
Чигал, таҳликалик замонамизда —
Бу дардли дунёнинг куйчиси бўлмак
Бор экан, азизим, пешонамизда.

Куйимизни куйлаб, созимиз чалиб
Ўтармиз, қолажак курраи азим.
Биз бир туп каштану мажнунтол бўлиб
Боқий дарддошликка қилармиз таъзим.
1989


СУЛТОНМУРОД

Султонмурод давлатманд одам эди. Сахий, маърифатли бой эди. Совет ҳокимияти унинг мол-мулкини мусодара, ўзини элдан бадарға қилди. Бор-йўғидан, ватанидан мосиво бўлиб узоқ элларга жўнаб кетар экан, Султонмурод алам ичида шундай сўзларни айтди.

Шафқат этмай бахтимқаро қилганлар
Шафқатга зор, бахти қаролар бўлгай.
Мени ватанимдан жудо қилганлар
Ватанда ватандан жудолар бўлгай.

Ҳеч қачон, ҳеч ерда ҳеч кимсага, бас,
Талаб олган моли буюрган эмас,
Ер-сувимни олган нобакор ул кас
Ер устида ерга гадолар бўлгай.

Соҳиблик мулк — обод, соҳибсиз — вайрон.
Эгасиз биядан соғилар айрон.
Юз йил «Хўжасизлик қайдан?» деб ҳайрон
Халойиқ тутгани яқолар бўлгай.

Бунда гаплар кўпу ишлар бўлгай оз,
Эл маъруза егай ва кийгай қоғоз,
Юртнинг эгалари мудом ваъдабоз,
Ишларида юз минг хатолар бўлгай.

Ерида заҳр унар бўлгай бу ўлка,
Жафоларга кўнар бўлгай бу ўлка,
Камоли беҳунар бўлгай бу ўлка,
Дўконида ўтмас матолар бўлгай.

Бенамоз, бехудо, бедин бандалар
Устидан шайтонлар қилгай хандалар,
Имон, эътиқоди парокандалар
Бошида кичкина худолар бўлгай.

Ҳукумат! Қотилинг ўзингдан чиқар,
Адил чинорларинг қўпорар, йиқар,
Лак-лак сургун қилар, зиндонга тиқар,
Бошингда туганмас жазолар бўлгай.

Юртбошилар оқил эса, ҳойнаҳой
Эл ҳоли бунчалар бўлмас эди вой,
Инсон бой бўлмаса халқ бўларми бой?
Саволим авлодга нидолар бўлгай.

Султонмурод шу сўзларни айтиб, отга қамчи босиб, Олатоғдан ошиб Қашқарга равона бўлди...
1989


РАИС ВА ШОИР

Пиллакор раиснинг даъвати ила
Шоир меҳмон бўлгач қишлоққа келиб
Мадҳ ёзди юксак шеър санъати ила
Пиллани тиллага қофия қилиб.

Йил ҳам ўтгани йўқ, меҳмондўст раис
Чорвадор колхозга ўтганин билиб
У қасида ёзди қалби тўла ҳис
Туяни бияга қофия қилиб.

Раис ишдан кетди, у энди собиқ,
Шоир хабар олмас назарга илиб.
Энди у шеър ёзар услубга содиқ
Раисни даюсга қофия қилиб.
1989


УЗОҚҚА БОРМАДИК АНДИША БИЛАН...

Узоққа бормадик андиша билан,
Тил топаолмадик ҳамиша билан.

Одамзодга дўст ҳам ёв бўларкан тил,
Кўприк бўларкан ҳамғов бўларкан тил.

Олисга етмасдан ўчди унимиз,
Чунки бегонага қолди кунимиз.

Гул бўл, тиканак бўл — чаманингда бўл,
Булбул бўл, қарға бўл — ватанингда бўл.
1989


ҚЎҒИРЧОҚЛАР

Қўғирчоқ эмасмиз, дердилар аввал,
Ошкоралик даври бўлиб тобора —
Энди улар ўйин кўрсатган маҳал
Иплари кўриниб турар ошкора.
1989


ДАВЛАТ ИШИ

«Мамлакатимизда никоҳга асосан инқилобдан кейингина давлат иши деб қаралди».
«Никоҳ ва оила» китобидан

Икки жон қовушса юлдузлар огоҳ.
Бу қисмат амридир, чарх гардишидир.
Ерга тушган чоғи осмоний никоҳ
Чакана иш эмас, давлат ишидир.

Мана, бахт қушини бошга қўндириб,
Йигит самоларда қилмоқда парвоз.
Қувон, севганингни ЗАГСга кўндириб,
Сен давлат ишини бажардинг, шаввоз!

Чол-кампир етмиш йил тотиб ёнма-ён
Турмуш лаззатию ғам-ташвишини,
Қаранг, билмабдилар илк қовушган он
Адо этганларин давлат ишини.

Давлат иши қандоқ улуғ, мукаррам,
Авом фаросати етган эмасдир.
Мирзо Улуғбекни туққан она ҳам
Давлат ишин адо этган эмасдир.

Ерда инсон наслин қилганда пайдо,
Мангулик бадарға бўлиб жаннатдан,
Ажаб, Одам Ато ва Момо Ҳаво
Ҳужжат олмабдилар ҳеч бир давлатдан.

Нақадар ғўр экан содда ва қолоқ
Фақат инсоф, имон йўлин тутганлар,
Бизнинг маърифатдан бўлмишлар йироқ
Қўйди-чикди нима билмай ўтганлар.

Савод йўқлигидан тушунмай, э воҳ,
Набиралар кўрган манглайи қора
Турмуш-тақдир иши, табаррук никоҳ
Кўнгил иши, дея билди бечора.

Мана, ишқ кўкида қилган парвозинг
Муҳрлик қоғозда энди мустаҳкам.
Агар бўлмаса шу парча қоғозинг
Сеники эмасдир ўз фарзандинг ҳам.

Гар ўша қоғозда битта ҳарф хато —
Ўғил меросхўрмас ота-онага.
Қирқ йил бирга турган эр-хотин ҳатто
Ўшасиз кираолмас меҳмонхонага.

Никоҳ давлат иши, бахтлар ярқироқ,
Мақтаниб оламга достон этганмиз.
Тирик етимларнинг сонида бироқ
Америкадан кўп ўтиб кетганмиз.

Наҳот буни этган инқилоб ижод!
Мана бу гўдакнинг чиқмасдан тиши
Муниса онанинг меҳридан озод,
Унинг тарбияси — давлатнинг иши.

На ишчида дастгоҳ, на деҳқонда ер,
На олимда бордир илм ташвиши.
Экмоқдир, ўрмокдир, сотмоқ, олмоқдир —
Давлатнинг ишидир, давлатнинг иши.

Биз оламга ҳайрон, бизга-чи олам,
Бир ажиб турфа уй тиклабмиз букун.
Бу уйда ҳаммамиз кичкина одам,
Давлат жавобгардир ҳаммамиз учун.

Сен бойиб қолмассан тўккан билан тер,
Ўлмассан ястаниб ётсанг мабодо.
Давлат бамисоли улкан Гулливер
Митти лиллипутлар ватани аро.

Миттиларга хосдир виқор ва савлат,
Хаёлда Ер юзи хўжаларимиз.
Отамиз — Давлатдир, Онамиз — Давлат,
Бизлар инкубатор жўжаларимиз.

Лекин кимқайрурар очмизми ё тўқ?
Азизим, бефойда даъводан кечгил,
Давлат деган сўзнинг бош-оёғи йўқ,
Давлат — бу ҳаммамиз, давлат — бу ҳеч ким.

Кўнглим орзу қилар танҳо осойиш,
Менинг ҳамбиргина хоҳишимбўлсин.
Ақалли ёримни бағримга босиш
Давлат иши эмас, ўз ишим бўлсин.
1989


ДЕНГИЗ ТАШЛАБ КЕТГАН КЕМАЛАР

Куни кеча эди,
Тўлқинларин
Қирғоққа уриб,
Маст туядек хайқириб,
Куйиклар сочиб
Кўкка сапчир эди
Бу ерда Орол.
Ўзим кўрган эдим,
Кезиб юрган эдим,
Асов бу қудратдан
Ҳайрон турган эдим.
Мана энди
Қудрат ўрнида
Хоким сукунатга,
Оқ қум бўлиб кўринган
Оппоқ уқубатга
Термуламан лол.
Нима қилиб қўйдик,
Сени, она денгиз,
Нималар бўлмоқда, ўзи,
Нималар?
Севги ташлаб кетган юрақдек,
Болаликда бизлар ишонган,
Кейин ёлғон чиққан эртакдек
Она кафтидан айру,
Бола тафтидан айру
Ўксик ва ғариб беланчакдек
Қум устида ёнбошлаб ётар
Денгиз ташлаб кетган кемалар.
Бир уйга ўт кетса
Айбдор изланар,
Бир кўзгу дарз кетса
Айбдор изланар.
Бир жонга зарб етса
Айбдор изланар.
Куйса бундоқ хону монимиз,
Чил-чил бўлса қутлуғ жомимиз
Бу гуноҳнинг сўроғи борми?
Борми жаллод ҳукмига қонун?
Сўриб бўлсак дарёлар қонин,
Сабил этсак заминнинг жонин,
Оқ балонинг оппоқ бўрони
Қаро қилса юртнинг осмонин,
Кулфатларнинг адоғи борми?
Гуноҳимиз сўроғи борми?
Биз олмасак табиат ёнин,
Бизда бундоқ бўлмаса қонун,
У яратган бешафқат қонун
Маҳкум қилғай бизни оқибат.
Асрамасак Оролнинг жонин,
Чил-чил қилсак ҳаво калқонин,
Оқ қум эмас, қорлар бўронин
Хадя этса бизнинг адолат —
Сир-ку яна тўлиб оқадир,
Аму — Аму бўлиб оқадир
Орол яна довул қоқадир,
Аммо инсон! Не қилар инсон?
Пахта унмас бу тупрокда тек,
Ўз-ўзига сақлаб ўкинч, кек,
Денгиз ташлаб кетган кемадек
Жим-жит чўлда қоладир ҳайрон.
1989


ЮРАГИНГДА МАКОН ТУТГАН ҚУЛ

Билмам, қандоқ, не сабаб, қачон
Ҳаётингга ошно бўлган ул —
Боши эгик, бесўз, беисён
Юрагингда макон тутган қул.

Кимга даъво қилурсан, билмам,
Қайси маслак, қай тузум масъул?
Кетмас бўлиб жой олмиш маҳкам
Юрагингда макон тутган қул.

Исканжадан етимзурриёд,
Қатарондан бева қолган тул,
Кўҳна замин қаъридан фарёд
Юрагингда макон тутган кул.

Бургут эдинг, парвози баланд,
Сенга ҳам ёр зулфиқор, дулдул.
Нечук увол мусича монанд
Юрагингда макон тутган қул?

Умр қошу киприк ораси,
Гадоликдан адолик маъқул.
Қуллар ичра энг бечораси
Юрагингда макон тутган қул.

Кел, уйқулик кўзингни оч сен,
Ўз ҳолингдан қаҳ-қаҳ уриб кул.
Шундай кулки, ичингдан қочсин
Юрагингда макон тутган қул.
1991


ТУШУНГАН ОДАМ

Кимга ҳасрат қилсам бағримни ўйиб,
Кимдан юрагимга тиласам малҳам,
Оҳиста елкамга қўлини қўйиб,
Юпатар: сен ўзинг тушунган одам.

Гоҳида аламим сиғмай кўнглимга,
Шеър бўлиб тўкилар ва лекин эй воҳ,
Қайга борсам шеърим қайтар қўлимга,
Тушунган одамсан, дунёдан огоҳ...

Ҳайҳот, дейман, адлинг шуми, эй худо,
Шундоқ чизилганми тархингда олам?
Ногоҳ фалакдан ҳам қайтар акс садо,
Ахир сен тушунган одамсан, болам.
1991


ҚИТЪА

Истасанг тоза кўнгилга қўнмасин зарра ғубор,
Пок сўзу пок иш ва пок дил, пок хаёл бўлмоқ керак.

Жисму жонимга десанг, бегона бўлсин хасталик,
Ишқ завқу дарди бирлан хастаҳол бўлмоқ керак.

Қалбга истарсан шифо гар, бўл ёмон сўздан йироқ,
Корвалол ичмоқ керакмас, кар ва лол бўлмоқ керак.
1991


БИЗГА СЎЗ ТЕГДИ КЕЧА

Вале барча рост ҳам дегулик эмас.
Алишер Навоий

Катталардан ортди минбар,
Бизга сўз тегди кеча,
Сўз тегиб шод бўлдик, аммо
Сўзга кўз тегди кеча.

Рост билиб нобоп сўз айтдик,
Таъна, дашномлар ёғиб,
Бизга калтакдан иборат
Ризқу рўз тегди кеча.

Мажлисаҳли ўзгаларга
Ёпди мақтов бахмалин,
Бизга сарпойи сазо —
Қарғишли бўз тегди кеча.

Яхшидир ҳар кимса гар
Ҳар ерда қилса ўз ишин,
Мисли деворзан ишига
Кавшдўз тегди кеча.

Тавба қилдик, мажлисингиз
Бизсиз ўтсин энди, бас,
Янглишиб бордик-да, янглиш
Бизга сўз тегди кеча.
1991


ТОЖИК БИРОДАРИМГА

Биз икки ёндош элга,
Қариндош, қондош элга,
Жондош, имондош элга
Фарзанд бўламиз, дўстим.

Шажарада томирмиз,
Тиёншонмиз, Помирмиз.
Нечун ўздан тонурмиз.
Баланд бўламиз, дўстим.

Беруний, Ибн Синога,
Жомийдек пок сиймога,
Навоийдек даҳога
Дилбанд бўламиз, дўстим.

Ширу шакар азалдан
Тотли бизга асалдан,
Бир байт каби ғазалдан
Пайванд бўламиз, дўстим.

Қонлар олуд еримиз,
Ёв кўксида тийримиз.
Биримиз ўқ, биримиз —
Каманд бўламиз, дўстим.

Ўртамизга кўп нифоқ
Солмоқ бўлдилар, бироқ
Асли биз эт ва тирноқ —
Монанд бўламиз, дўстим.

Бир заминда дон экиб,
Бир ватанда жон чекиб,
Дўст ғамига қад эгиб
Дардманд бўламиз, дўстим.

Биз хуш ният меъморлар,
Қулаб эски деворлар
Яйраса дўсту ёрлар
Хурсанд бўламиз, дўстим.
1977-1991


* * *

Қизим, бахтли кунда дунёга келиб,
Умрим осмонини безаган моҳим.
Қувончим, эрта-кеч ниятлар қилиб,
Дедим, тўйларингни кўрай илоҳим.

Тетапоя юрган чоғларингда ҳам
Меҳр тўла кўзим тикиб бўйингга,
Дедим, юрагимда қолмас эди ғам
Қизалоғим, етсамбахтли тўйингга.

Шукрким, ниятимбўлдию йўлдош,
Иқбол шундоқ кунни насибим этди.
Тўйингга етдиму, воҳ, шашқатор ёш
Кўзимдан дувиллаб тўкилиб кетди.

Қиз ўстирган ота толеи шудир,
Меҳри риштасини боғлаб жонингга —
Ардоқлаб, эркалаб улғайтгач охир
Меҳмон бўлиб қолар хонадонингга.

Кўнарман, не илож, умрингга оқ йўл,
Кўзларим севинчнинг ёшига тўлсин.
Дуога қўл очдим, эркам, бахтли бўл,
Янги хонадонинг муборак бўлсин.
1990

Qayd etilgan


Y_U_R_I_S_T  13 Mart 2010, 10:08:32

- ҲАЖВ ДАФТАРИ -

Аё дўстлар, адашган
Бир мўминдан кулмайлик.
Матмусадек ўзимиз
Тандир кийган бўлмайлик!


ШАҲАРМИ БУ, ҚИШЛОҚМИ БУ?..
(Воқеий шеър)

Кўп ажибдур дунё иши,
На сўнги бор, на боши бор.
Ўн саккиз минг олам бўлса,
Барининг ўз қуёши бор.
Ҳар бир фарзанд — бир отадан,
Бир дарахтдан — ҳар бир мева.
Лек оламда бир кўча бор
Карвони йўқ ёлғиз тева.
Ё у ёқмас, ё бу ёқмас,
Ё шаҳармас, ё қишлоқмас.
Ёнбошида дорилфунун.
Муз майдони — улкан сарой.
Шаҳримизнинг нақ ўзида
Бир орол бор — эгасиз жой.
Шаҳарда ҳам, қишлоқда ҳам
Ҳеч бир сону санокда йўқ.
Ҳужжатларни титкилаймиз,
Ҳайрон бўлманг, ҳеч ёкда йўқ.
Ажаб макон, ҳеч кимбоқмас,
Ё шаҳармас, ё қишлоқмас.
Қаердамиз — билолмасдан
Ҳар оғизга боқар бўлдик.
Биров айтар — қишлоқдамиз,
Биров айтар — шаҳар бўлдик.
Яна биров бу гап хато,
Ҳақиқатда бундоқ дейди:
Жуфт сон уйлар шаҳар бўлур,
Тоқ сон уйлар қишлоқ дейди.
Мен жуфтмидим ё тоқмидим,
Шаҳармидим, қишлоқмидим.
Анов қўшним шаҳарликдир,
Рўпарамда туради у.
Менга баъзан ҳазил қилиб
«Қишлоқи» деб юради у.
На у ёқда, на бу ёқда,
Ҳеч ким бизга парво қилмас.
Шаҳар биздан юз ўгирган,
Колхоз эса аъзо қилмас.
Мағизмидик, пўстлоқмидик,
Шаҳармидик, қишлоқмидик!
Кўча чети катта майдон,
Неча йилки, кўл урилмас.
Қишлоқ бўлиб, экилмас дон,
Шаҳар бўлиб, уй қурилмас.
Ҳамма бошлиқ елка қисар,
Нега деманг, негаси йўқ.
Кенг оламнинг эгаси бор,
Бу майдоннинг эгаси йўқ.
Шаҳарми бу, қишлоқми бу,
Ё дахлсиз қирғоқми бу!
Бу атрофда боғча борми?
Боғча қани — Ҳиротдадир!
Шаҳар билан қишлоқ аро
Бу иш даъво, исботдадир.
Сенда пул кўп деса шаҳар,
Қишлоқ айтар, сенда куч кўп.
Ўрта йўлда бола-чақа,
Эртаю кеч хайлала-хўп.
Ярми балчиқ, ярми тупроқ,
Ярми шаҳар, ярми қишлоқ.
Билмадик, бу ишкал ишни
Қачон қилган қайси хўжа:
Бир генерал номи билан
Бордир бунда икки кўча.
Ўн беш ҳовли биринчй уй,
Ўн саккизта учинчи сон.
Манзилини тополмасдан
Шаҳар бўйлаб хатлар сарсон.
Асли шундай чатоқми бу,
Шаҳарми бу, қишлоқми бу?
Почтамиз бор, қўшни, лекин
Қишлоқсан деб қарамайди.
Қишлоқ айтар, узоқ йўлга
Велосипед ярамайди.
Газет келмас биз томонга,
Кимсаси йўқ оролдамиз.
Додимизни тинглар осмон,
Робинзондек аҳволдамиз.
Элдан шунча йироқми биз?
Шаҳарми биз, қишлоқми биз?
Уралдан ҳамўтиб кетди
Бухородан чиққан олов.
Чор атрофдан бўй таратар
Зангор ўтда пишган палов.
Ўн қадамдан ўтган қувур
Бизнинг уйга келолмайди.
Чунким бу жой қишлоқ эмас,
Лекин шаҳар бўлолмайди.
Ё асфальтмас, ё тошлоқмас,
Ё шаҳармас, ё қишлоқмас.
Қишлоқ деса, на боғ-роғу
Экин-тикин, мол-ҳоли бор.
Халқининг на пода боқиб,
Ер чопгудек аҳволи бор.
Манов қўшним — фан доктори,
Чорвадорга ўхшамайди.
Бу кўшнимнинг вақти бўлмас,
Раҳбарликдан бўшамайди.
Шаҳарми бу, қишлоқми бу
Аросат бир тупроқми бу?..
Билолмаймиз, қай мамлакат,
Қай ўлканинг мулкидурмиз.
Қишлоқ борсак — масхарамиз,
Шаҳар келсак — кулкидирмиз.
Дўстлар, бизга кўмак беринг,
Бизнинг кўча қай ёндадир!
Ёки фалак азми билан
Манзилимиз осмондадир!
Биз сутмидик, пишлоқмидик,
Шаҳармидик, қишлоқмидик!
1976


НАЙНИНГ ҚИСМАТИ

Най даставвал наво бўлиб
Кирди дилу ўйларга.
Ҳамма унга шайдо бўлиб,
Олиб кетди тўйларга.

Тўйларда у қилди нола,
Эл ундан завқ симирди.
Вақт ўтиб най —
Камтар бола
Ўзни қўйди, семирди.

Бора-бора аввалгидек
Ёнишлари қолмади.
Мухлисларнинг ҳар галгидек
Олқишлари қолмади.

Лекин тақдир уни ошно —
Қилган эди куйларга.
Сур най номин олди,
Аммо
Бораберди тўйларга.

Туғилса қай уйда гўдак,
Хабар топиб бешикдан,
Айтмаса ҳам айтилгандак,
Келаверди эшикдан.

Хотин-халаж чуввос қилиб,
Болалар шод зерикмай,
Гоҳ ғийқиллаб,
Гоҳ бўғилиб,
Куйлайберди собиқ най.

Охири у қариб қолди,
Бўғилдию томоғи,
Ҳам овоз,
Ҳам кўздан қолди,
Битди тамом қулоғи.

Лек, барибир,
Ёшлиқдаги
Истеъдоди учун ҳам,
Ҳалол хизмат,
Пок юраги,
Пок ижоди учун ҳам —
Сақлар уни эл назарда
Ҳурмат қилиб қўяди,
Кар най катта сайлларда
Ғат-ғат қилиб қўяди.
1977


СЕН МЕНГА ТЕГМА

Бир туш кўрибман,
Кўп таажжуб туш.
Таъбири, билмам,
Хуш ёки нохуш.
Тўс-тўполон, дашт,
Чор атроф очиқ.
Борлиқ аралаш,
Олам қоришиқ.
Бебош, беэга
Турфа хўжалик.
Ҳар кимўзига
Излар ўлжалик.
Гоҳ келар кулги,
Гоҳ кўнгил зада,
Кўнгли чоғ тулки
Товуқхонада.
Мушуклар бунда
Ухлаб семирар.
Сичқонлар тунда
Буғдой кемирар.
Қўй сўйиб, ёзиб
Тўкин дастурхон,
Қашқирни този
Қилмоқда меҳмон.
Қичқираман: ҳай,
Бормисан, чўпон!
У чиқар шошмай,
Ёпиниб чопон...
Дер: одат шундай,
Сира ғам чекма.
Мен сенга тегмай,
Сен менга тегма...
Бу қандай одат,
Бу қандай савдо!
Бу ахир, офат!
Бу ахир, бало!
У сўз демай, жим
Қўл чўзди: Қара!
Ҳайҳот, қарадим,
Бу не манзара!
Девпечак учун
Баланд сўрилар,
Асал қутида
Қовоқ арилар...
Кийиниб укпар,
Чўп ушлаб қўлга,
Қўшиқ ўргатар
Қарға булбулга.
Мен қичқираман:
Бормисан, боғбон!
Бу қандай чаман,
Бу қандай бўстон?
У дер (камондай
Қомати эгма):
Мен сенга тегмай,
Сен менга тегма...
Боғбон шундай дер,
Жўнар қошимдан.
Муздек қора тер
Қуяр бошимдан.
Шу пайт қайдадир
Янграр қўнғироқ.
Дилим айтадир:
Уйғоқсан, уйғоқ.
Бош кўтардим, воҳ,
Хайрият, тушим.
Қўл-оёғим соғ,
Жойида ҳушим.
Лекин бу ёқда
Чириллаб ҳамон,
Она товукдай
Қақшар телефон.
Биламан, бугун
Кечқурун мажлис.
Мени шу учун
Чақирар раис.
Борсам, гапирсам,
Сўзларим нордон.
Мен ҳақда у ҳам
Гап айтар ёмон.
Бор менда айблар,
Биламан ўзим.
Энг сози — мен кар,
Кўрмайди кўзим.
Дедим: ҳар қалай
Терс тўнни кийма.
«Мен сенга тегмай,
Сен менга тегма».
Нетай, ўзимга
Балони ортиб? —
Ётдим, устимга
Кўрпани тортиб.
Лек тинч йўқолди,
Чакди тўшагим.
Ичимўт олди,
Ёнди юрагим.
Йигит ғурурим
Қўлимдан тортиб,
Ўрнимдан турдим,
Кўрпани отиб.
Асаб портлади,
Бўлди сабр адо.
Мени чорлади
Ички бир садо:
«Агар ҳалолсан,
Тилингни тийма!
Битсин, йўқолсин —
«Сен менга тегма!»
1977


ҚУМУРСҚАЛАР ЖАНГИ

Бир туп олма узра кеча
Жуда катта жанг бўлди,
Бошлар кетди неча-неча,
Неча оёқ ланг бўлди.

Ҳашаротлар урушгани
Даҳшат экан,
Қарадим.
Охир битта қумурсқани
Ушлаб олиб сўрадим:

— Сўйла,
Нечун бу можаро?
Нимадандир бу нифоқ?
Қумурсқалар аҳли аро
Зўр эди-ку иттифоқ?

Қумурсқавой душманидан
Узиб олган оёқни —
Туфлаб,
Одам тили билан
Тушунтирди нифоқни.

«Асли бизлар
Бир тан, бир жон,
Бир уядан чиққанмиз.
Бир чўп топсак,
Кўрсак бир дон,
Бир кавакка йиққанмиз.

Шу пайтгача бир саф бўлиб,
Не иш қилсак тенг қилдик.
Бугун бир иш сабаб бўлиб,
Уч гуруҳга айрилдик.

Кеча бир гап топди бизнинг
Тунги соқчи — тингчимиз.
Эшитдигу ҳаммамизнинг
Барбод бўлди тинчимиз.

У тун бўйи бедор бўлиб
Кўкка қараб юрибди.
Унда сонсиз дон сочилиб
Ётганини кўрибди.

Қумурсқалар бугун тонгда
Эшитиб бу хабарни,
Йўлга чикдик ўша онда
Кечиктирмай сафарни.

Аҳд қилганга ёр дея бахт,
Тупроқ ошдик,
Қум ошдик,
Ниҳоят, шу катта дарахт
Танасига тирмашдик.

Мақсадимиз шу нарвондан
Етмоқ эди осмонга...
Аммо бир йўл
Ногиҳондан
Бўлинди уч томонга.

Бир саф йўлни ўнгга бурди,
Бошқа йўлга боқмади.
Бир саф эса чапга юрди,
Ўнг уларга ёқмади.

Мен танладим ўрта шохни,
Энг тўғри йўл менга шул.
Эргаштириб минг ҳамроҳни,
Тик осмонга солдим йўл.

Алҳол қанот қокди дарға,
Ғазаб билан бонг урди.
Унгу сўлдан кетганларга,
Қайтинг, дея буюрди.

Сўнг деди:
Биз қумурсқалар
Тўғри йўлдан юрамиз.
Ким шу йўлдан юрмаса гар,
Битта қўймай қирамиз.

Бурғу чалди бизнинг подшоҳ,
Жангга кирдик баробар.
Шундан дарахт бўлди жанггоҳ,
Мозор бўлди саросар».

Диққатимни тортди шу пайт
Қанотли шоҳ қумурсқа.
Учиб-қўниб, у пайдар-пай
Чорлар эди урушга.

Қараб турдим бир нафас тек,
Сўзи қизиқ кўринди,
Яқин борсам,
Темучиндек
Кўзи қисиқ кўринди.

Узоқ-яқин тарихларга
Мени хаёл учирди.
Кўп даҳшатни митти дарға
Хотирамга туширди.

Чидолмадим.
Чертки солиб
Йўқотдим бу бадбахтни.
Сўнг
Супурги, оҳак олиб
Оқлаб қўйдимдарахтни.
1977


ЁМОННИНГ СЎЗИ

Сен яхшисан,
Мен ёмондирман,
Сен борсанки, мен омондирман.
Мени қаттол яратган ҳаёт,
Сени қилган ожиз, бенажот.
Сен — ниҳолсан, заволинг ўзим,
Сен — тириклик, мен эса — ўлим.
Кундуз бўлсанг, мен тун бўламан,
Сен бор бўлсанг, бутун бўламан.
Беомонман, лекин омонман,
Чунки сендек мен ҳам инсонман.
Бу оламнинг даргоҳи кенгдур,
Яхшисию ёмони тенгдур.
Қуёш кезиб кўкда саросар,
Нур сочади бизга баробар.
Фақат менинг қўйнимда тош бор,
Бундан сенинг кўзингда ёш бор.
Сен тутгансан қўлингга чироқ,
Мен қўйганман йўлингга тузоқ.
Мен ёмонман,
Жуда ёмонман,
Аввалига ожиз илонман,
Омон бўлса бу бошим менинг,
Боис раҳминг — қўлдошим менинг,
Бир кун бўлиб улкан аждаҳо
Бўлажакман қаршингда пайдо.
Шунда ўткир тишларим санчар
Сенинг юмшоқ кўксингга ханжар.
Мен яшайман, гарчи ёмонман.
Чунки мен ҳам бир тирик жонман.
Сололмайсан бошимга соя,
Мендан ҳужум, сендан ҳимоя.
Дунё иши шу асли, ошнам,
Ёмондан даф, яхшидан чидам.
Сен яхшисан,
Мен ёмондирман,
Сен борсанки, мен омондирман.
Тилагим, сен доим бор бўлгин,
Аммо мендан миннатдор бўлгин.
Мен бўлмасам, эй яхши одам,
Дод деб қочар эдинг дунёдан.
1978


ЮБИЛЕЙ

Раис сўз беради,
Парвойи палак.
Минбарга бораман,
Гурсиллаб юрак.
Сизнинг шаънингизга
Сўз айтмоқ керак.
Тўрда ўлтирибсиз
Сиз кериб кўкрак
Умрингиз улуғлик —
Ёшига етиб.

Ўлмаган қул борки,
Ёш тўйи қилар,
Кимлигин билмаган
Ўшанда билар.
Яйрайди хусусан
Сизнинг кабилар.
Мен энди не дейин,
Ўртоқ юбиляр?
Турибман ҳайъатнинг
Қошига етиб.

Ҳамиша ёр бўлди
Сизга фароғат,
Ўзни ўйладингиз
Дунёда фақат,
Ҳеч кимга етмади
Сиздан манфаат,
Бир шогирд ўстирмай,
Эшитмай раҳмат
Келдингиз юбилей
Ошига етиб.

Мартаба, шон шуҳрат,
Мол давлат учун
Жон фидо этмоқни
Билдингиз қонун.
Ҳирс ила нафс бўлди
Сизга раҳнамун,
Муборак бу ёшга
Етдингиз букун
Қанча пок инсонлар
Бошига етиб.

Хали кўп юбилей
Кўрарсиз, дуруст.
Юзингиздан кетмас
Хали қизил тус.
Сиздан кўп «каромат»
Кўради улус,
Лекин «Яхши эди»,
Дейди эл, афсус,
Борсангиз қабрнинг
Тошига етиб.

Билмай тавфиқ недир,
Недир камолот,
Умр камолига
Етди бир ҳаёт.
Сиздек яшамасин
Оламда ҳеч зот,
Мендек нутқ айтмасин
Ҳеч кимса, ҳайҳот,
Касбдоши юбилей —
Ёшига етиб.
1979


ТУШ
(ҳазил)

Кеча кўрдим даҳшатли бир туш,
Келолмайман ўзимга ҳамон.
Бир ёзувчи роман ёзармиш,
Мен эмишман унга қаҳрамон.

Ёзар эмиш мени хаёлан
Йўқ хислатлар қўшиб боримга.
Ҳисоблашмас ҳеч мантиқ билан,
Сира боқмас ихтиёримга.

У не деса, тўтиқуш монанд
Мен ҳам тилга жо қилармишман.
Жарликлардан сакраб беписанд,
Текис йўлда қоқилармишман.

Насиб бўлмай маҳбуб висоли,
Чекмоқ керак чоғи нолалар
Нутқ сўзлайман ёрга, мисоли,
Газетдаги бош мақолалар.

Ўзим ҳайрон ўз қилмишимга,
Ўзимбилмам, недир матлабим.
Ҳозир қилиб турган ишимга
Тўғри келмас ҳозирги гапим.

Лаънатлайман қаро иқболим,
Чидолмайман юрак доғига,
Бора-бора айланиб қолдим
Бозингарнинг қўғирчоғига.

Бу кунимдан ўлганим афзал,
Дея қўлга олдиму пичоқ...
Худо ўзи асради бу гал,
Бир сесканиб уйғондим шу чоқ.

Боқдим, шукур, қўл-оёғим соғ,
Шукур, тирик одамман ўзим.
Бир романни ўқиб баногоҳ
Илинибди салгина кўзим.
1980


СОФ ҲАВОНИНГ ФОЙДАСИ

Қирқ йил ҳаёт қурдик
Хотинжон билан.
Қирқ йил бир-бировга
Ёндош, меҳрибон.
Уни «жоним» десам
Ҳаяжон билан.
У мени атайди
Ҳануз «акажон».
Олтмиш беш ёшимда
«Акажон» деса —
Не ажаб, мен ҳамон
Ёшликка ошно.
Ёшликнинг бир сири
Аҳиллик эса,
Иккинчиси — сайр,
Мусаффо ҳаво.
Фақат ўзимизга
Аён сиримиз,
Келишиб олганмиз
Гўшангадаёқ —
Жаҳлдан жунбушга
Келсак биримиз,
Ҳавога чиқамиз
Бошқамиз шу чоқ.
Танга даво экан
Соф ҳаво, билсам,
Неча кор, ёмғирда
Ивидим, қотдим.
Хотин билан қирқ йил
Яшаган бўлсам,
Қирқ йил соф ҳавода
Кечди ҳаётим.
Шундоқ умр кўрдик
Хотинжон билан,
У мени асради
Соғлом, навқирон.
Уни «жоним» десам
Ҳаяжон билан,
У мени атайди
Ҳануз «акажон».
1981


ЕЛИМ АЙТАР...

Елим айтар қари дарахтга:
— Тўнка бўлгур, нодон, илмсиз,
Мен етказдим сени давлатга,
Не кечарди ҳолинг елимсиз?!
Сен-ку, ўтин бўларсан бир кун,
Мени кутар ёрқин келажак.
Чунки ҳар бир амалдор учун,
Муҳр керак, демак, мен керак.
Менга тўшаб бахмаллар ҳали,
Неча пўлат сандиклар зордир.
У юксакка етиб боргани
Фақат елим бўлмоқ даркордир.
Ҳар нарсадан азиз, бообрў
Парча қоғоз бўлган дунёда —
Ишонч қадри бир пул бўлар-у,
Муҳр қадри бўлар зиёда.
Мен зарб урсам, олимдир нодон,
Зарб урмасам, инсонмас инсон.
Яшай олар жуфтлар меҳрсиз,
Қовушолмас аммо муҳрсиз.
Зўр донишлар кирар сўзимга.
Мард қалбларга титроқ соламан...
Ўшанда кел, сени ўзимга —
Даста қилиб ишга оламан.
1981


БУ КЎҲНА ҲАСРАТ

«Ёраб, қандоқ кунга қолдик, бу нечук савдо?
Одамларда на шафқат бор, на меҳру вафо.
Йигитларда одоб йўқдир, қизлар ҳаёсиз,
Хотин зоти кун ўтказмас бир можаросиз.
Қўйиб берса эл бир-бирин ўяр кўзини,
Овбошилар эса фақат ўйлар ўзини...
Дунё охир, биродарлар, йўқ энди ҳаёт.
Куни кеча тамомбўлди охирги мамонт...»
Қадим аждод ўкинч билан чўкиб сояга,
Бу сўзларни чўкич билан ёзди қояга.
1981


МАЖЛИС ҚИЛИНГ

Вақтингиз бўш бўлса ҳам,
Бўш бўлмаса, мажлис қилинг,
Кўнглингиз хуш бўлса ҳам,
Хуш бўлмаса, мажлис қилинг,
Овчилар, сиз отгани
Қуш бўлмаса, мажлис қилинг,
Аҳли бозор, сотгани
Гўшт бўлмаса, мажлис қилинг,
Ҳеч ҳисобмас, ҳар куни
Қўш бўлмаса — мажлис қилинг.

Сиз бирор мажлиссиз ўтган
Кунни кун деб айтмангиз,
Тортингу ҳомуза,
Маъруза узун деб айтмангиз,
Ҳамма такрор этса бир гапни,
Нечун, деб айтмангиз,
Кўкка вовайло қилиб,
Гардуни дун деб айтмангиз,
Дод демакка сизда
Товуш бўлмаса, мажлис қилинг.

Сиз ҳам, эй тафтишчилар,
Мажлис саноғин текширинг,
Ҳамқарор, кун тартибу
Ҳужжат вароғин текширинг.
Нотиқ оғзин текширинг,
Соме қулоғин текширинг,
Курси тешган нозик ул
Жойда қадоғин текширинг,
Гар жароҳат унда
Қўш-қўш бўлмаса, мажлис қилинг.

Кўрмасин деҳқон дала,
Созанда соз, шоир қалам,
Ишчи ҳам дастгоҳ ёнига
Қўймасин асло қадам,
Очмасин олимкитобу
Қилмасин тажриба ҳам,
Кимки гап билмас, билар иш,
Қилсин ўлгунча алам,
Иш биларни ургани
Мушт бўлмаса, мажлис қилинг.

Гар мабодо мажлисингиз
Эртароқ бўлса тамом,
Сизга лозимдир йиғинни
Уйда эттирмоқ давом,
Хонага минбар ясангу
Юксалинг олиймақом,
Масала қўймоққа уйда
Бир сабаб бўлгай мудом,
Газ қозон ё ванна, ё —
Душ бўлмаса, мажлис қилинг.

Белни боғланг, бу жаҳонни
Тўлдиринг қоғоз билан.
Ўзни алданг, бўлмаганни
Бўлдиринг қоғоз билан.
Иш билан шод этмангиз ҳеч,
Кулдиринг қоғоз билан.
Ким қоғозбозликни суймас,
Ўлдиринг қоғоз билан.
Ўлмаса у ёки
Беҳуш бўлмаса, мажлис, қилинг.

Сиз агар топқир эсангиз,
На фақат соҳиб сухан —
Демангиз мажлисни мажлис,
От қўйинг турли-туман.
Гоҳи суҳбат, гоҳи ҳайъат,
Давра денг, ё анжуман,
Лаҳзалик денг, ҳафталик денг,
Не десангиз жону тан,
Номи минг бўлгач,
Фаромуш бўлмаса, мажлис қилинг.

Вақт ўтар, соат ўтар
Кун ой бўлур, ой йил бўлур.
Киму ўтган умрига
Қарсак чалур, қойил бўлур?!
Фурсат энг олий ҳакамдур,
Доимо одил бўлур,
Барча бир кун ул ҳакамнинг
Ҳукмига дохил бўлур,
Тўплангиз эс-ҳушни,
Эс-ҳуш бўлмаса, мажлис қилинг.
1982


БИР ТАВАККАЛЧИ ДЕЙДИКИ...

Менга на суду савдо,
Бор, нима бўлса бўлсин,
Мендан қолувчи дунё,
Бор, нима бўлса бўлсин.
Ғам қилмоқ одатим йўқ,
Ўйлашга тоқатим йўқ,
Мендан сўранг таралло,
Бор, нима бўлса бўлсин.
Мендан кетарми кетса,
Менга келарми келса,
Куйдирма жонни асло,
Бор, нима бўлса бўлсин.
Кўнглим сахога мойил,
Ҳотамлигимга қойил,
Чекдим таваккал имзо,
Бор, нима бўлса бўлсин.
Сармаст эрур хаёлим,
Ҳам файласуфман, олим,
Бир ғоя менда танҳо:
«Бор, нима бўлса бўлсин».
1982


СЙЁСИЙ САБОҚ

Бошқармага қўнғироқ
Бўлди гараждан:
Бугун — сиёсий сабоқ.
Мана шу важдан —
Шоферлар банд. Кечқурун
Машина бўлмас...
Майли, ой-йилда бир кун,
Осмон узилмас.
Гарчи бошлиқ ошёни
Озгина йўлмас,
Жиндак қийналса жони,
Ҳойнаҳой, ўлмас.
Билъакс, очиқ ҳавода
Мириқар одам.
Хўжайин камтар, содда,
Хўжайин — ҳотам.
Бўлмади ҳеч норизо,
Қирмади томоқ.
Ўшқирмади мутлақо:
«Қанақа сабоқ?»
Чунки масала нозик,
Шофер — ишчи халқ.
Сабоқ эса — сиёсий!
Демак, гаражҳақ.
Шундоқ ажиб ишлар ҳам
Бўлар дунёда.
Мана, Бек Беков акам
Борар пиёда.
Яёв юрмоқ нечоғлик
Ноёб неъматдир.
Вақт олтин, аммо соғлиқ
Ундан қимматдир.
Дер ўзига, ҳеч меҳнат
Битмас дунёда,
Қани энди, бўлса вақт,
Юрсанг пиёда.
Юрсанг, кўриб завқ билан
Атрофни, элни.
Ҳамбадан, ҳамкўнгилдан
Ёзсанг чигилни.
Бу не ҳаёт? Ҳамиша —
Гўё касалманд,
Уйда, йўлда, ҳамишда
Ўриндиққа банд...
Шундай хаёл билан у
Борар лорсиллаб.
Аммо бир оз юрди-ю,
Қолди ҳарсиллаб.
Тўхтаб пича олди дам,
Бекатга келди.
Автобусда кетса ҳам
Бўлади энди.
Чарчаганда бошқа ўй
Келарми бошга?
Автобус келди,
Вой-бўй,
Контингент бошқа.
Тўлиб турфа эл келар,
Тисланди...
Лекин
Сиқиб келган елкалар
Кўтариб секин,
Миндирди беихтиёр.
Шунда тиқинда
Халқ қудратин у илк бор
Сезди биқинда.
Бу ҳам қисмат иши-да,
Бўлари бўлди.
Зўр тирсаклар ичидан
Зўрға қутулди.
Кўйлак доғ-дуғ, шим — латта.
Қошу киприк — чанг.
Дуч келган бир бекатда
Тушдию аранг —
Ёмон уят сўз келди
Бирдан оғзига,
Лекин сўкмади, деди:
«Безобразие!»
Турар йўлда у якка,
Олдда анча йўл.
Ўтган ҳар ғилдиракка
Кўтаради қўл.
Эгар мағрур бошини:
«Олиб кет мани!»
Аммо бирор машина
Тўхтаса қани.
Ҳеч кишида бўлмасин
Бундоқ кўргулик.
Ҳеч бошлиқни қилмасин
Яёв юргулик.
Елкасидан чиқар дуд,
Ранжир дамодам —
Шоферларнинг бемавруд
Сабоғидан ҳам.
Фурсат ўтди, на қилса
Фойдасиз энди.
«Дежурка»ни чақирса
Ўларми эди.
Ё уйига қўнғироқ
Қилса-ку тайёр —
Йўлагида янги оқ
«Жигули» ҳамбор.
Оғриса-да оёғи,
Юриб боради.
Бош айланиб, томоғи —
Қуриб боради.
Ура-ура «хом калла»
Пешонасига,
Етиб келди маҳалла
Чойхонасига,
Уйигача қирқ қадам,
Ана, у ҳовли.
Лекин тўрт қадамга ҳам
Қолмаган ҳоли.
Умрида ҳеч чойхона
Кўрмаган бу зот
Шу саргузашт баҳона
Ноилож, ҳайҳот, —
Лаънат ўқиб шўрига,
Ичкари юрди.
Гурс чўкди-ю сўрига,
Кўк чой буюрди.
Ёнбошлади минг йиллик
Чойхўрдай худди.
Бир оз оромолгандек
Бўлди вужуди.
Чанқоғин босди обдон,
Ростлади нафас.
Ҳа, дунё бир азобдан
Иборат эмас.
У ҳозир жаннат аро
Сезар ўзини.
Сезмас атрофнинг аммо
Ҳайрон кўзини.
Атрофда ҳар хил гумон,
Э воҳ, ажабо —
Чойхонада — каттакон,
Бунда не маъно?
Кимдир деди минг тахмин,
Фараздан кейин:
«Ишдан кетган у, тайин,
Тамомхўжайин».
«Чақув бўлган ё бошка —
Бирор кўргулик.
Ҳа, иш тушган шўр бошга,
Аҳвол сўргулик».
Ликобчада майиз, қанд
Олиб Шокирвой,
«Янги дўст»ни қилар банд,
Узатар кўк чой:
— Амал ўзи бевафо,
Қайғурманг, ука.
Гоҳи олчи бу дунё,
Гоҳида пукка;
Мен ҳам қирқ йил давлатга
Ишлаган бўлсам,
Фақат «зав» бўлдимкатта,
Энг камида — «зам».
Неча пўлат сандиқлар
Қўлимда бўлди.
Неча гўзал дўндиқлар
Қўйнимда бўлди.
Келган чоғда омадим
Бўлмадим сергак.
Бирор нарса олмадим
«Ҳайфсан»дан бўлак.
Шу-да, чархи дун иши,
Жон этсанг нисор,
Оқибатда ҳеч киши
Бўлмас миннатдор.
Лекин тер тўккач одам
Маълум ёшгача,
Чойхонанинг гашти ҳам
Жуда бошқача...
Борган сари очилиб
Сайрар Шокирвой
Текин қулоқ топилиб,
Яйрар Шокирвой:
— Сиз ҳам энди биз қатор,
Қўшилинг дарров.
Бегим куни шўрва бор,
Якшанба — палов.
Хуш кўрсангиз шахматни,
У ҳам бор, иним.
Лекин ўша ғурбатни
Суймайди жиним.
Соатлаб мук тушишга
Сабр йўқ сира.
Ғуборингни тўкишга
Энг зўри — «пирра».
Лекин анов сўридан
Бўлинг нарироқ.
Тушмас гиламтўридан
Соли бақироқ.
Қоқиб қулоғингизни
Қўлга беради.
Ушлаб олса бас сизни,
Сўзлайверади.
Зўри аммо улфатнинг
Бизларнинг улфат,
Гап бор охир: суҳбатнинг
Яхшиси — ғийбат...
Бек Беков худди қулоқ
Солганда сўзга,
«Ҳа, ҳа», дейди-ю, бироқ
Хаёли ўзга.
Англар, аҳли чойхона
Бир шу зот эмас.
Юрагида — нуроний
Чолларга ҳавас.
Кўзлардаги хотиржам
Сокин ҳаловат
Бахш этади унга ҳам
Осуда ҳикмат.
Йироқларга элтади
Фикратнинг оти.
Кўз олдидан ўтади
Бутун ҳаёти.
Ўйлаб кўрса, эс-ҳушин
Таниган кундан,
Билди фақат юрт ишин,
Завқ топди шундан.
Ишлади, иш деб ёнди,
Ҳар он боғлиқ бел.
Фақат элга ишонди,
Унга эса — эл.
Ҳалол бўлди ва одил,
Ҳақ — дўсти, ёри.
Кўтарилди йилдан-йил
Пастдан юқори.
Бугун салкамминистр...
Ва лекин, ҳайҳот,
Елдек ўтиб кетибдир
«Елвизак» ҳаёт.
Уф тортади бемажол,
Кўнгли бўлар ғаш.
Кунлар қуйма ғишт мисол
Бир-бирга ўхшаш.
Ҳар кун бирор топшириқ,
Ҳар кун фурсат зиқ.
Умри экан, воҳ, қизиқ,
Чизилган чизиқ.
Мажлис, сайлов, нутқ, якун...
Эртадан то кеч.
Ўзи учун бирор кун
Яшамабди ҳеч.
Ёшланади кўзлари,
Умр ўтибди.
Ёшлиқдаги дўстлари
Тарқаб кетибди...
Унга ётдир нақадар
Аҳли чойхона.
Ўзи тенги кексалар
Буткул бегона.
Манглайига қўл тирар,
«Пишмаган калла!—
Тобутингни кўтарар,
Ахир, маҳалла!
Тўй қилса ким, сўроғлаб —
Кирганинг борми?
Азасида бел боғлаб
Турганинг борми?
Ё кулбанг бошқа лойдан
Солинганмиди?
Тупроғинг бошқа жойдан
Олинганмиди?
Жон тикиб халқ йўлига
Тинмадинг, бироқ —
Бир одамнинг кўнглига
Ёқдингми чироқ?
Дунё кўрган, фикри кенг,
Улуғвор, ҳотам —
Шуни ўйламабди, денг,
Министр одам.
Четдан боқиб танқидан
Ўз образига,
Хафа бўлди ақлидан:»
«Безобразие!»
«Безобразие!» — деди...
Шокирвой бу он
Насихат қилар эди
Куйдирганча жон,
Ўргатарди: ҳар беш кун
Ҳаммомда наф бор.
Фойда қайси узв учун,
Қайси доривор.
Бек Бековнинг сўзига
Қотди-ю қолди.
Олди уни ўзига,
Дарҳол йўқолди...
Мана, Бек Беков уйга
Қайтиб боради.
Чўмганича жим ўйга
Айтиб боради:
«Дунёда энг олий фан
Ва энг мушкул фан —
Муҳимни номуҳимдан
Ажратмоқ экан.
Ҳаёт экан зўр дарё.
Осонгина иш —
Ўша катта сув аро
Оқизоқ бўлиш.
Аввал сени ҳалимдек —
Қилиб ташлайдир.
Сўнг майдалаб минг бўлак
Бўлиб ташлайдир».
Шунча яшаб, ниҳоят,
Топди бир ҳикмат:
Тирик жонга оқибат
Боқийдир фақат:
Халқ дегани госкомстат
Рақами эмас.
У — қўшни, хеш,
дўст, улфат,
Тирик ҳамнафас...
Уйга кирди. Хотин лол.
Жовдирар кўзи.
Нима бўлди? Бу не ҳол?
Тинчликми ўзи?
Бек Беков дер хотиржам:
— Ҳа, энди, шундоқ...
Сабоқ бўлди, жонгинам,
Сиёсий сабоқ.
1982


 
ДОНИШҚИШЛОҚ ЛАТИФАЛАРИ

МАТМУСАНИНГ ҚИШЛОҒИ

Донишқишлоқ деган жой
Бордир бизнинг томонда.
Ўша қишлоқ аҳлидек
Доно халқ йўқ жаҳонда.

Жўяк тортиб томига
Макка эккан ўшалар.
Калишини перронга
Ечиб кетган ўшалар.

Юз қоп ганчни бир йўла
Сувга қорган у ерлик.
Эчкини сартарошга
Олиб борган у ерлик.

Кўриб минораларни
Ўша ерлик улуғлар
Деган: «Булар тескари
Туриб қолган қудуқлар».

Томдан бошлаб уй қурмоқ
Бўлиб тиккан ҳавоза,
Девори йўқ ҳовлига
Ўрнатган ҳамдарвоза;

Ойга чиқмоқ йўли бор,
Жуда осон деган ҳам,
Темир йўлни кўтарса,
Тайёр нарвон деган ҳам;

Машинаси бор туриб
Миниб юрган хачирга,
Хизмат қилган «Волга»си
Эшакка ем таширга;

Пашшага сопқон отган,
Қопқон қўйган чивинга,
Алмаштирган саррофдан
Ўтган кунни индинга;

Ой нурига хум тутиб,
Умид қилган пишлокдан —
Соҳибхаёл фаришта
Ўша Донишқишлокдан.

Донишкишлоқ қаерда?
Ўзимизнинг томонда.
Ўша қишлок халқидек
Доно халқ йўк жаҳонда.

Ақл кўплик қилса, бош
Ёрилади деб ҳалак —
Бошларига донолар
Кийиб юрар чамбарак.

Содда деманг уларни,
Улар содда бўлмайди.
Кулдирса ҳам сизларни,
Ўзлари ҳеч кулмайди.

У машҳур Алдаркўса,
Калкўсанинг қишлоғи.
Ўзимизнинг қаҳрамон
Матмусанинг қишлоғи.

Китоб бўлар таърифи,
Ёзса минг бир саҳифа.
Донишқишлоқ аҳлидан
Тингланг уч-тўрт латифа...


МАТМУСАНИНГ ҚАЛПОҒИ

Қалпоқ олди Матмуса,
Қалпоқ деса — қалпоқдай.
Уни кийиб Матмуса,
Йигит бўлди чақмоқдай.

Ўнта қўйга арзийди,
Ярақлаши бир жаҳон.
Бир қарасанг — сувсардек.
Бир қарасанг — олмахон.

Қалпоқ эмас — эртак у,
Қалпоқ эмас — тилла тож!
Қўйинг-чи, ресторанда
Ювмаса ҳеч йўк илож.

Кирдилар, ўлтирдилар,
Буюрдилар арақни.
Доно Матмуса учун
Ичдилар бош қадаҳни.

Қалпоққа тери берган
Сувсар учун ичдилар.
Шундай қалпоқни сотган
Овсар учун ичдилар.

Эсланмаган қишлоқнинг
Итигача қолмади.
Мақталмаган қалпоқнинг .
Ипигача қолмади.

Хўп ичдилар ўйламай
Ҳисоб-китоб қилмоқни.
Охирида пул етмай,
Топширдилар қалпоқни.


МАТМУСАНИНГ ЛАГАНИ

Матмусавой шаҳардан
Лаган олиб қайтарди.
Йўл-йўлакай ўй суриб,
Ўз-ўзига айтарди:

Бу лаганни кўтариб
Олиб борсам қишлоққа,
Хотин уни албатта
Идиш қилар пишлоққа.

Тийиб бўлмас ҳеч қачон
Бола-чақа деганни.
Улар пишлоқ талашиб
Синдиришар лаганни.

Шунда излаб чегачи
Мен нотавон бечора,
Қайта келиб шаҳарга
Бўладирман овора.

Машойихлар гапи бор
Иш кўзини бил, деган.
Ҳар юмушда эртанинг
Ҳисобини қил, деган.

Нима қилсам экан деб,
Бир дам ўйга толди у.
Сўнг лаганни синдириб,
Чегалатиб олди у.

Шундай қилиб, уйига
Қайтди оғзи қулокда.
Ҳамма унинг ақлига
Қойил қолди қишлоқда.


МАТМУСАНИНГ ЧАРХПАЛАГИ

Полвон эди Матмуса,
Тўрт фил кучи жамэди.
Қишлокда энг зўр, аммо
Ақли бир оз кам эди.

Матмусани шундан ҳеч
Кўзга илмас эдилар.
Қўрқсалар ҳамундан, ҳеч —
Ҳурмат қилмас эдилар.

Бир кун деди Матмуса,
Шундай кучга эгамен.
Шуҳратим йўқ эл аро,
Беобрўман нега мен?

От кўтардим тиш билан,
Кулди фақат одамлар.
Арзимаган иш билан
Топди ҳурмат одамлар.

Мен ҳам ақлим кўрсатиб
Ҳайрон қилай ҳаммани.
Доно бўлиб бир ўзим,
Нодон қилай ҳаммани.

Бўз арикда кўп замон
Бор эски бир чархпалак.
Кўрибдики, бир томон
Айланар у ғилдирак.

Балки минг йил нарида
Айлангандир шу йўсин.
Матмусанинг даврида
Янгилик бир иш бўлсин.

Турди бир оз ўй суриб,
Юрди шахдам илгари.
Чархпалакни суғуриб
Шартта қўйди тескари.

Бу ижоддан эл дарак
Топди саҳар паллада.
Жадал чопар чархпалак,
Лекин сув йўқ далада.

Ўйлар аҳли уламо
Тузатмоқнинг йўлини.
Мағрур турар Матмуса
Белга қўйиб қўлини.

Ким чархпалак косасин
Ялпоқ қилиш керак, дер,
Ким косага осма сим
Қопқоқ қилиш керак, дер.

Дер идроки энг юксак
Қашиб туриб каллани:
— Дарёни сал кўтарсак.
Сал туширсак далани...

— Йўқ, иш битмас «сал» билан!
Қишлоғимиз эрлари
Чархпалакни гал билан
Айлантирсин тескари.

— Йўқ, кучимиз ожизроқ,
Қийналмасин эл жони.
Тескарига оқизмоқ
Тўғри бўлар дарёни.

Эмиш, ҳамон қилар баҳс
Ўша қишлоқ эрлари.
Чархпалак-чи, сув бермас,
Айланармиш тескари.


МАТМУСАНИНГ ТАНДИРИ

Матмусага бир куни
Хотини: «Ҳой, эр, — деди.
Ҳаммада бор, менга ҳам
Тандир қуриб бер», деди.

Пишиқ эди Матмуса,
Бошга қўйиб кўлини,
Ўйлаб топди энг арзон
Тандир қурмоқ йўлини.

Деҳқончилик — сомон, жун,
Лой қоришни билади.
Ўзи тайёр қолип-ку,
Нега пул сарф қилади?

Лойни қорди, ишлатиб —
Занг кетмону пақирни.
Сўнг офтобга чўк тушиб,
Болаларни чақирди.

Қийқиришиб болалар
Атрофида чопдилар.
Қорни бўйни аралаш
Лойшувоқни ёпдилар.

Бундоқ тандир бўлмаган,
Йўқдир ҳеч бир китобда.
Тандирини Матмуса
Қуритади офтобда.

Қотган сари танда лой,
Ҳар бир мўйи жимирлар.
Чиғаноқ қурт сингари
Фақат боши қимирлар.

Кўп қийналди Матмуса,
Мард эмасми — чидади.
Тандир тайёр, энди мард
Ундан қандоқ чиқади?

Пилла ёрар капалак,
Қил суғрилар хамирдан.
Лек Матмуса чиқолмас
Ўзи қурган тандирдан.

Етар етти қўшнига
Унинг нола-хониши.
Маслаҳатга йиғилар
Қишлоқ аҳли дониши.

Ким дер: Э воҳ, бечора,
Ким дер: Кўринг тақдирни.
Баҳс бошланди — масала:
Бутун олмоқ тандирни.

Охир деди бош ҳакам,
Чимирганча қошини:
— Бир чора бор: арраланг
Матмусанинг бошини.

Майли, деди Матмуса,
Рози бўлмай нетайин,
Билмадинглар қадримни,
Ҳамманг жинни, бетайин.

Кессангизлар бошимни,
Мен ниятга етарман.
Бошимолиб бу ердан
Бирор ёққа кетарман.


МАТМУСАНИНГ УЙЛАНИШИ

Сафар қилди Матмуса
Олисдаги шаҳарга.
Ул шаҳарда йўликди
Бир ҳур пари-пайкарга.

Бўйдоқ эди Матмуса,
Узоқ турмай ўйланиб,
Қишлоғига қайтди у
Ул санамга уйланиб.

Ҳеч гап эмас бахт келса,
Айтар омад деб буни:
Уч ой ўтмай жононнинг
Яқинлашди ой-куни.

Ҳамма ҳайрон, ҳамма лол:
«Биз бир йилча кутардик,
Матмусанинг хотини
Чиқиб қолди ударник».

Не экан деб, шошилиб
Зарбдорликнинг бу сири,
Чопиб келди суҳбатга
Донишгазет мухбири.

«Биз ҳам четда эмасмиз,
Биз ҳам шерик меҳнатга»,
Деб Матмуса тиржайиб,
Қўшилади суратга.

Эртасига бу хабар
Тарқаб кетди ҳар ёққа.
Сарлавҳа ҳам чиройлик:
«Илғор ўрнак — қишлоққа».

Хат ёғилар эрлардан:
Ташаббусни қўллаймиз!
Хотинларни тажриба
Алмашишга йўллаймиз!

«Алвон-алвон шиорлар
Пайдо бўлар ҳар жойда:
«Янгиликка — катта йўл!»
«Тўққиз ойни — уч ойда!»

Ҳайъатларда кеккайиб
Яйраб юрар Матмуса.
Биз ундоқ, биз бундоқ деб
Сайраб юрар Матмуса.

Алқисса шу — баъзида
Шундай бўлиб қолади —
Биров қилиб меҳнатни,
Биров обрў олади.


ҚИЗИҚУВЧАН МАТМУСА

Оппоқ кўйлак, янги шим
Кийиб олиб байрам кун,
Уйга қайтар Матмуса
Ширин бўлиб кечқурун.

Қайтар завққа қўшиб завқ,
Ҳам куч қўшиб кучига.
Бир пайт кўрса, аллаким
Симёғочнинг учига —

Қоғоз осиб қўйибди,
Икки қатор ёзиб хат.
Ўқимоққа Матмуса
Ҳарчанд қилар ҳаракат —

У томондан қарайди,
Қарайди бу томондан.
Билмай кетса не хат бу,
Чиқа олмас армондан.

Қизиқувчан иштиёқ
Унга тинчлик бермасди.
Кўйлакни ҳам аямай
Симёғочга тармашди.

Чикди, кўрди, ўқиди,
Ким ақлдан озибди?
«Эҳтиёт бўл, симёғоч —
Бўялган», деб ёзибди.

Ўқидию танидан
Чиқиб кетди муздек тер,
Уйга келиб дафтарга
Ёзиб қўйди тўрт йўл шеър:

«Эй, одамлар, билишдан
Ўзингизни тийманглар.
Қизиқувчан бўлсангиз,
Янги кўйлак кийманглар!»


МАТМУСА — РАССОМ

Кўчма музей келибди
Бизнинг Донишқишлоққа.
Эшитди-ю Матмуса,
Шошиб қолди у ёққа.

Кўрди бориб мўйловдор
Қилич таққан зотларни.
У зотларнинг остида
Гижинглаган отларни.

Айниқса, денг, аёллар,
Қараб-қараб олди у.
Боқиб баъзи суратга,
Сурат бўлиб қолди у.

Бири биридан қизиқ,
Бир-биридан зўр, аммо
Абстракт санъатга
Тушунмади мутлақо.

Деди: шу суратга ҳам
Пул тўлашар, ҳойнаҳой.
Демак, рассом иши зўр,
Демак, рассом жуда бой.

Деди: санъат кимучун?
Санъат ҳамма учунми?
Мен ҳам энди бу ишда
Синаб кўрай кучимни.

Қатъиятли — Матмуса,
У оғзига сўз олди.
Уйга келиб сандикдан
Пайтавалик бўз олди.

Тоғорага ранг қорди,
Бўлсин учун созгина,
Қўшди тарнов сувидан,
Қўй қийидан озгина.

Қўлчўпни сиз сўраманг,
Топқирлиқцан камоли —
Гулдек мўйқалам бўлди
Эчкисининг соқоли.

Толдан ёғоч кесди-ю
Чорчўпни ҳам боплади.
Сўнг у турфа матога
Турфа рангни чаплади.

Қарабсизки, расмтахт,
Шартта қўйиб имзони,
Олиб келди музейга,
Лол қилгани дунёни.

Кўринарли жой топиб,
Осди уни деворга,
Аллақандай «изм» деб
Ёзиб қўйган қаторга.

Эртасига келдилар
Мутахассис ходимлар.
Яъни, ўша «изм»нинг
Пири бўлган олимлар.

Қарадилар, кўрдилар.
Ҳеч тиш ўтмас англарга.
Кимдер: Кўринг услубни.
Ким дер: Қаранг рангларга.

Бу Ғарбдаги зўр усул
Антирасм, дер биров.
Примитивизмда
Янги оқим, дер биров.

Хуллас, кўчма музейдан
Бу сурат ҳамжой олди.
Матмусага пул чиқиб,
Битта саман той олди.

Эй, ёронлар, борсангиз
Лондон, Париж, Румога,
Музейларда бир қаранг
Ўша таниш имзога.

Жилва қилиб ўзгача,
Бўй таратиб турибди.
Матмуса чизган сурат
Дунё кезиб юрибди.


МАТМУСАНИНГ ДУТОРИ

Матмуса қўй сотгани
Шаҳарга келиб қолди.
Қайтишда битта қўйнинг
Пулига дутор олди.

Уйга келгач, йўлакка
Боғлади-ю отини,
Завқи сиғмай юракка,
Чақирди у хотинни.

Мана, хотин, кўриб қўй,
Мановни дутор дейди.
Манов боғични парда,
Манов ипни тор дейди.

Манов қулоқ, бу харрак,
Яъни, эшак боладир.
Шаҳарлик уни бундай —
Бундай қилиб чаладир.

«Муножот» деб отини,
Матмуса куй чалибди.
Қулоқ солиб хотини,
Роса қойил қолибди.

Депти:
Раҳмат, шаҳарлик —
Яхши чолғу берибди,
Фақат битта нарсага
Ақлим етмай турибди.

Бир маҳал бобомда ҳам
Шундай чолғу бор эди.
Эсимдан адашмасам,
Ўша ҳам дутор эди.

Лекин у чалмай туриб,
Қулоғини бурарди.
Бармоғи ҳам манов ип
Устида югурарди.

Сен бўлсанг битта ерни
Тутганча қолавердинг.
Бир хил тинғир-тинғирни
Қўймасдан чалавердинг.

Жаҳли чиқиб Матмуса,
Хотинини сўкибди.
Кетган қўйи учун ҳам
Аламини тўкибди:

«Эй, хотин, сен эрингга
Нодон гапни деб қўйдинг.
Нима бўлди?
Ё қариб
Эс-ҳушингни еб қўйдинг?

Бобонг қўли дуторда
Югурса, югургандир.
Шўрлик керак пардани
Тополмай қидиргандир.

Энди мен чалганимда
Оғзингни юм, жим, депти:
Бобонг парда қидирган,
Мен уни топдим», депти.

Матмуса шундай қилиб,
Кўкрагини керибди.
Эрини доно билиб
Хотин ҳам тан берибди.

Алқисса шу:
Машшоқлар —
Қидиришни ташласин.
Керак пардани топган
Матмусалар яшасин!


ТАНДИР КИЙГАН МАТМУСА

Ўзи тандир қуролмай,
Кўниб охир тақдирга,
Шаҳар томон йўл олди
Матмусавой тандирга.

Тандир бозор қизиган,
У тушгача айланди
Ва ниҳоят бозорнинг
Зўр тандири сайланди.

Чертса, уч кун жаранглар,
Бир умрга етади.
Лекин уни қишлоққа
Қандай олиб кетади?

Ўйлаб кўрса, эшакка
Ортмоқнинг йўқ чораси.
Ортганда ҳам, арқонлаб
Тортмоқнинг йўқ чораси.

Аҳли бозор йиғилди,
Қизиб кетди маслаҳат.
Барчада бир шу ташвиш,
Ҳаммада шу ўй фақат.

Кенгашилди, ўйланди,
Миндирилди охири
Эшагига — Матмуса,
Матмусага — тандири.

У шод, бундоқ тадбирни
Топмас энг зўр топқир ҳам.
Ўзи яёв қолмади,
Зап ўрнашди тандир ҳам.

«Ҳайё-ҳайт» деб йўл олди
Донишқишлок томонга.
Мана, тандир ичидан
Қараб борар осмонга.

Ҳар қанчаки интилар
Матмуса йўл кўролмас.
Менинг уйим қайда? — деб
Одамлардан сўролмас.

Кетиб борар таваккал,
Кўкка қараб «Тангрим!» — дер, —
Мени қилма шарманда,
Эшагимга ақл бер».

Бедапоя кўрганда
Эшак шўрлик нетади?
Қишлоқ қолиб мағрибда,
Машриқ томон кетади.

Кун ботару шомтушар,
Юлдуз чиқар осмонга,
Ҳамон борар Матмуса,
Етмас манзил-маконга.

Дейдиларки, то бу дам
Йўлда эмиш Матмуса.
Боши ҳам йўқ, чеки йўқ
Чўлда эмиш Матмуса.

Аё дўстлар, адашган
Бир мўминдан кулмайлик.
Матмусадек ўзимиз
Тандир кийган бўлмайлик!


МАТМУСАНИНГ МЕҲМОНДЎСТЛИГИ

Меҳмон жуда азиздир
Донишқишлоқ томонда.
Дерлар, майли биз ўлсак,
Меҳмон бўлсин омонда.

Мана, шаҳарлик меҳмон
Қишлоқ кезиб юрибди.
Унга гўзал табиат
Маъқул бўлиб турибди.

Айниқса тўполон сой
Меҳмонга ёқиб кетди,
Оҳ-оҳ деб сувга тушди,
Тушди-ю, оқиб кетди.

Гох чўкар, гох кўринар,
Дод солар: «Қутқарингиз»,
«Спасите», «даст бидеҳ»,
«О май френд, хелп ми, плиз».

Испанча, португалча,
Лотинча кичқиради.
Белни ушлаб Матмуса
Ҳайрон бўлиб туради.

«Шунча тилни ўрганиб
Бойвачча бўлармидинг?
Ундан кўра сузишни
Ўргансанг ўлармидинг».

Овози ўчганида
Сув кириб томоғидан,
Меҳмонни олиб чикди
Ушлаб бўйин боғидан.

«Шаҳарлик шаҳарлик-да»
Дер Матмуса кўнглида,
«Керакли арқонини
Олиб юрар бўйнида».

Қирғоққа чикди шошмай,
Сўнг ақлини юритиб,
Арқонидан дарахтга
Осиб қўйди қуритиб.


МАТМУСАНИНГ ҚЎШИҒИ

Беиш қолди Матмуса,
Энди не қилув керак?
Бир товуққа албатта
Ҳам дону ҳам сув керак.

Бекор қолсанг ёстиқ ҳам
Ёнбошингга ботади.
Телевизорга токай
Термилганча ётади?

Оинаи жаҳонда
Куйламаган оғиз йўқ.
Ўйлаб кўрса ўзидан
Ўтадиган ҳофиз йўқ.

Ўйлади, аввал бошни,
Сўнг ёнбошни қашлади.
Тўртта одам йиғилса
Қўшиқ айтабошлади.

Эшитарми одамлар,
Эшитмасми, иши йўк?!
«Боғ аро»ни кўтарар,
Бас, дейдиган киши йўқ.

Ўзи бўлар маҳлиё
Ўзи айтган куйларга.
Таклиф бўлса, бўлмаса
Бораверар тўйларга.

Матмуса келган ердан
Қочар бўлди одамлар,
Тунлар қулоққа ёстиқ
Босар бўлди одамлар.

Оқсоқоллар дедилар:
Бир иложни ўйлайлик.
Матмусани қишлоққа
Тўра қилиб қўяйлик.

Бўлса катта амалдор,
Курсиси баланд бўлса,
Мажлис, қабул, нутқ, сафар...
Хуллас, доим банд бўлса,

Балки қўшиқ айтишга
Вақти қолмас, улгурмас.
Амалидан уялиб
Ҳофизликни эп кўрмас...

Келишдилар, Матмуса —
Энди қишлоқ тўраси.
Кўпайиб қолди, кўринг,
Қадрдони, жўраси.

У курсида ўлтирар,
Қўлни қўйиб белига.
Яна ҳам қийин бўлди
Донишқишлоқ элига.

Кимки бирор иш билан
Ҳузурига киради —
Матмуса арз эшитмас,
Қўшиқ айтиб беради.

Чидаб сукут сақлаган
Марҳаматга эш бўлур.
Қўшиғини мақтаган
Албат иши беш бўлур.

Оқибат Матмусанинг
Касали баттар бўлди.
Саҳар бошлаб ашула
Кечгача айтар бўлди.

Оқшомлари гузарда
Авжни олиб туради.
Эшитсанг-ку хўбу хўб,
Эшитмасанг — уради.

Тўра бўлгач, бошқа хил
Овозларни йўқотди.
Мени мазах қилди, деб
Хўрозларни йўқотди.

Донишқишлокда энди
Бошқа бирор қўшиқ йўқ.
Биргина Матмусанинг
Қўшиғига тўсиқ йўқ.

Одамлар ижирғаниб,
Қарғаб, қулоқ солдилар.
Илож қанча, охири
Ўрганиб ҳам қолдилар.

Ҳатто қўмсаб, ноёб деб,
Сўйлар бўлди халойиқ.
Матмусага ўхшатиб
Куйлар бўлди халойиқ.

Қарсак, олқиш, мадҳия
Авжга чиқиб басма-бас,
Халқ деди: бизга энди
Бошқа қўшиқ керакмас.

Ҳаммамиз бу қўшиқнинг
Фидойиси бўлармиз.
Уни айтиб яшадик,
Уни айтиб ўлармиз.

Алқисса, булбули йўқ,
Хўрози йўқ ул маъво —
Донишқишлоқда ҳамон
Янграр ёлғиз бир наво.


МАТМУСА ВА ЎҒРИЛАР

Савдо қилиб Матмуса
Қайтар экан йўлига
Тушиб қолди шаҳарлик
Ўғриларнинг қўлига.

Ечинтирдилар аввал,
Сўнг дўппослаб урдилар.
Ўчсин дея овози
Карнай чалиб турдилар.

Шу-шу, кўп йил Матмуса
Бу шаҳарга қайтмади.
Ичга ютди аламин,
Ҳеч кимсага айтмади.

Айтса нима, эл фақат
Кулги қилар эрмаклаб...
Қариганда ниҳоят
Набирасин етаклаб —

Матмуса яна ўша
Шаҳар сари йўл олди.
Бу сафар катта тўйнинг
Устидан чиқиб қолди.

Ғат-ғат карнай, ноғора
Такатумни урарди.
Матмусадан набара
Бу нима, деб сўрарди.

Бобо айтар: бу ишни
Мендан сўрма, болажон,
Бир шўрликни, ҳойнаҳой,
Қилмоқдалар чалажон...

Дўстлар кулманг, бу ҳикмат
Матмусадан қарироқ,
Ноғораю карнайдан
Юринг доим нарироқ.


МАТМУСАНИНГ АМЕРИКА ОЧИШИ

Газета ўқиб ётиб
Матмуса ўй ўйлади.
Элни йиғиб эрталаб
Шундай бир нутқ сўйлади.

Донолар! Сизга айтай
Ўйлаган бир хаёлим.
Уни айтишдан аввал
Бордир битта саволим.

Айтинг, Америкага
Ким дастлаб қўйган қадам?
Колумбми? Йўқ! Хитойлар —
Беш минг йилча муқаддам.

Улар борган кунчиқар,
Яъни бизнинг томондан.
Сўнг бу қитъани очган
Колумб нариги ёндан.

Энди мен сизга айтсам
Мақсаду муддаони:
Бизнинг замон номчиқар
Иш қилмоқнинг замони.

Киройи донг таратсак
Дунёга таратайлик.
Америка очмоққа
Янги йўл яратайлик.

Киришсак Хитойни ҳам
Колумбни ҳам йиқамиз.
Шу жойдан ер кавласак
Нью-Йорқдан чиқамиз.

Лекин бизлар қазиймиз
Қишлоқнинг этагидан.
Шунда тешиб чиқамиз
Нақ Оқ уйнинг тагидан.

Жаҳонни лол қолдириб
Шуҳрат олиб қайтамиз.
Президентни шартта
Қопга солиб қайтамиз.

Жаҳоншумул инқилоб
Бундан осон ҳал бўлмас.
Ер юзида шундан сўнг
Бою камбағал бўлмас.

Матмусага қарсаклар
Остида тўн ёпилди.
Аммо — лекин баъзи бир
«Мужмал»лар ҳамтопилди.

Кимдир деди: — Бу иш зўр,
Менда фақат бир хаёл:
Ер дарз кетса, иккига
Бўлиниши эҳтимол.

Биров деди: — Биз агар
Ер шарин тешиб қўйсак,
Ғўрилаб шамол юрса
Бўлмасмикин елвизак?

Ва лекин Матмусани
Ёқлаб кетди кўпчилик.
Ваҳима қилганларни
Боплаб кетди кўпчилик.

Донишқишлоқ шу кундан
Бошқа ишни ташлади.
Матмуса айтган жойдан
Хандақ кавлай бошлади.

Роса терга тушдилар,
Кун тобида, ер заранг.
Иш битай деган чоғда
Сув чиқиб қолди, қаранг.

Ишга тушди пақирлар,
Бир зум ором бўлмади.
Кечгача сув тортдилар,
У ҳеч тамом бўлмади.

Тиришдилар кун бўйи,
Эрталаб тиришдилар.
Бўлмагач, бошқа ерни
Кавлашга киришдилар.

Дониш аҳли чайир халқ,
Дониш аҳли кўп шоввоз.
Ер қазиб, сув чиқариб
Ўтди кўп қиш ва кўп ёз.

Бу меҳнатдан кўмилди
Ярим қишлоқ тупроққа.
Қолган ярми айланди
Қурбақазор ботқоққа.

Кўп вақтки, Донишқишлоқ
Мингқудуқ деб аталар.
Эл ичида Матмуса
Мирқуруқ деб аталар.

Лекин у йўлдан қайтмас,
Дер, бу йўл ҳақ йўлидир.
Халқ уни танлаган, бас,
Демак, у халқ йўлидир.

Симирамиз сув келса,
Тош келса кемирамиз,
Очамиз Америка,
Сўнг уни емирамиз.

Яқинда у қишлоқцан
Келди яхши бир хабар.
Пудратга ўтганмишлар
У ерда ҳам одамлар.

Бориб кўрдим, шиддат зўр,
Умид катта, иш катта.
Ғайрат қилган бир жойдан
Тешиб чиқар албатта.


МАТМУСАНИНГ ҲАЙКАЛИ

Матмуса — буюк одам!
Матмуса зўр саркордир!
Унга, тирик бўлса ҳам
Ҳайкал қурмоқ даркордир!

Келишдилар донолар,
Ташаббускор кўп эди.
Матмуса-чи?
У — камтар,
Йўқ демади, хўп деди.

Жуда катта шаҳардан
Чақирдилар устани.
Иш бошланди саҳардан,
Ҳа, яшавор!
Бос, қани!

Доноларда зўр ғайрат,
Доноларда куч катта.
Лекин улур ҳаракат
Осон бўлмас албатта.

Кимнидир харсанг босди
Кавлаганда тагидан.
Кимдир аррада кесди
Ёғоч деб билагидан.

Қоришмада бир доно
Тиззадан ботиб қолди.
Ботса майли-я, аммо
Сементда қотиб қолди.

Барибир денг минг олқиш,
Зафар қайда чекмай жон?
Саратон бошланган иш
Хуллас битди қаҳратон.

Қийқириқ, ҳай-ҳай билан
Майдонга эл сочилди.
Ғата-ғут карнай билан
Кўринг, ҳайкал очилди.

Сиз бундоқ ажиб тасвир
Кўрмагансиз жаҳонда.
Матмуса турар мағрур
Яхтак, узун иштонда.

Халойиққа кўрсатиб
Бахт-саодат йўлини,
Полвон турар узатиб
Машриққа ўнг қўлини.

Чап қўлида ушлаган
Тақясини ғижимлаб.
Ёнида чайнаб юган
Эшак турар гижинглаб.

Белбоғида осиғлиқ
Носқовоғи ярашган.
Ҳаммадан ҳам попуклик
Иштонбоғи ярашган.

Таърифи адо бўлмас,
Ҳамма лолу ҳайратда.
Лекин бехато бўлмас
Зўр асар ҳам албатта.

Қўлда тақя — кўп улуғ,
Уста уни дўндирган.
Лек қўлдаги эсда йўқ,
Бошига ҳам қўндирган.

Пойабзал жуда яхши,
Фақат озгина янглиш —
Бир оёғида — маҳси,
Бир оёғида — калиш.

Эшак ҳам ўзига хос,
Бордир андак чатоғи:
Қулоғи битта, холос,
Лекин бешта оёғи.

Буларга аҳли дониш
Қилгани йўқ эътибор.
Чунки асосий янглиш —
Бошқа, улар кўп ҳушёр.

Ҳаммага ҳам жон ширин,
Ахир шафқат керак-да.
Ҳаво совуқ, изғирин,
Нега ҳайкал яхтакда?

Шу ҳолатда мисли шам
Совукда турса уч кун,
Матмуса ҳам, эшак ҳам
Ҳаром ўлиши мумкин.

Муҳокама вақтида
Матмуса ҳам бор эди.
У ишончу ахдида
Маҳкам, устивор эди.

Деди қатъий ва кескин:
Қайтадан қурмоқ керак!
Ҳайкал устига пўстин,
Бошига қалпоқ керак.

Эслади у жун пайпоқ,
Пахталик шимини ҳам.
Деди қилинг калинроқ
Эшак тўқимини ҳам.

Эл — ботир, элга балли,
Эл ҳужумга ташланди.
Матмусага ҳайкални
Қайта қуриш бошланди.

Иш бўлмади озмунча,
Кўплар бўлди қаҳрамон.
Янги ҳайкал битгунча
Ёз ҳам келди — саратон.

Мана, қуёш ўт пуркар,
Шиддат билан бир ёкда.
Бир ёкда ҳайкал турар
Поча-пўстин, қалпоқда.

Халқ кулар бу алфоздан,
Қаҳ-қаҳ, мазах битмайди.
Барча дер бир овоздан:
Бунақаси кетмайди.

Аввалгиси асли ғўр,
Хатоси бир қоп эди.
Аммо ўша эди зўр,
Ўша бизга боп эди,

Маъқулгина Матмуса
Ақли — шайинтарози.
Дер: «Кўпчилик не деса
Биз эмасмиз норози».

Яна меҳнат. Юз кунча
Тер тўқдилар беармон.
Ёзги ҳайкал битгунча
Қиш келди-ку қаҳратон...

Ким билсин бу чархпалак
Айланарди неча йил —
Қишда — ёзлик бўз яхтак,
Ёзда — қишлик шамойил.

Лекин Матмуса бир кун
Ишни шартта қилди ҳал.
Деди: тўрт фасл учун
Қуринглар тўртта ҳайкал!

Халқ унга айтди олқиш
Тўртта ҳайкал қурамиз!
Баҳору ёз, кузу қиш
Алмаштириб турамиз!

Бу воқеа юз берган
Жуда олис замонда.
Энди эл ақли теран
Донишқишлоқ томонда.

Суриштирса агарда
Халқ юз фоиз саводлик.
Олимлари шаҳарда
Қилаётир устодлик.

Бориб кўрдим яқинда
Матмуса соғ юрипти.
Энди ёзу қиш унда
Битта ҳайкал турипти.

Эслаб ўтган у ишни
Ҳангомалар қилишар.
Ҳайкал — тош,
Ёзу қишни
Фарқ қилмайди, билишар.

Лек эҳтиёт ҳар ҳолда
Зарар қилмас ҳеч қачон.
Қиш келганда ҳайкалга
Ёпиб қўйишар чопон.


МАТМУСАНИНГ ЭШАК СОТГАНИ

Матмусанинг эшаги
Айниб қолди дафъатан.
Яқинлашиб бўлмайди
На олддан, на оркадан.

Қўшқават арконни ҳам
Узар бўлди ҳароми.
Ҳанграганда оламни
Бузар бўлди хароми.

Миниб бўлмас устига,
Копток қилиб отади.
Бўлди энди. Матмуса
Эшагини сотади.

Лекин қадимдан қолган
Бозордаги қоида:
Нима сотсанг, айбини
Айтиш керак жойида.

Ҳеч кимса Матмусадек
Қийин ҳолга қолмайди.
Баччағарнинг айбини
Айтсанг, биров олмайди.

Айтмасанг — яна гуноҳ!
Матмуса кўп ўйлади.
Уйлаб-ўйлаб бозорда
Шундай дея сўйлади:

«Эшагим — арзон эшак,
Келаберсин харидор.
Ўзи эшак бўлса ҳам
Ўнта отнинг кучи бор.

Эшагим полвон эшак,
Кўп хушнафас эшагим.
Айби бўлса, биргина,
Одамэмас эшагим».

Бозор аҳли кулади:
Шунақа ҳам бўларми?
Эшак ахир эшак-да,
Эшак одам бўларми?

Бошқа айби бўлмаса,
Бундай улов қайда бор?
Эшакни олиб кетди
Арзонга бир харидор.

Қутулдимдеб азобдан
Шукур айтди Матмуса,
Пулни ҳамёнга солиб,
Уйга қайтди Матмуса.

Қайтди-ю қотди ҳайрон
Ҳолат — худди кечаги.
Оғилда боғлиқ турар
Пишқирганча эшаги.

Афтодаҳол харидор
Йиғлаб турар қошида,
Қўли, оёғи майиб,
Тўртта ғурра бошида.

Матмусага дер: «Инсон!
Имонингдан қайтдингми?
Эшак сотдинг, тепади,
Тишлайди, деб айтдингми?

Эшак эмас, тўнғиз-ку,
Бу махлуқинг мени ер.
Сенда бошқа гапим йўқ,
Эшакни ол, пулни бер».

Матмуса жавоб айтар:
— Сенга эшак сотганман.
Ҳушёр бўл, деб тайинлаб
Одаммас, деб айтганман.

Энди қолма йўлингдан,
Мен билан гап талашма,
Арзон деб бир адашдинг,
Бошқа сира адашма.

Дўстлар!
Сиз ҳам Матмуса
Ҳикматин унутманглар.
Эшаклардан ҳеч қачон
Одамийлик кутманглар.


МАТМУСАНИНГ БОҒИ

Доно бўлиб Матмуса
Эл кўнглини чоғ килди.
Донишқишлоқ четидан
Қўриқ очиб боғ қилди.

Боғ мевага кирганда
Йиғин бўлди каттакон.
Матмусага ўқилди
Минг олқишу шараф-шон.

Қишлоқ учун боғнинг ҳам
Даркорлиги билинди.
Матмусага шу кундан
Маош тайин қилинди.

Боғ бор, боғбон бор, энди
Бир раҳбар ҳам керақдир.
Иш кўрган бир улуғ зот
Тайинланди директор.

Боғ бор, боғбон бор, мана
Раҳбарлик бор, иш катта.
Секретарсиз, шофёрсиз
Бошлиқ бўлмас албатта.

Бошлиқ бўлмас албатта
Бир жуфт ўринбосарсиз.
Тўртта завга саккизта
Ёрдамчи ҳам зарарсиз.

Чўт қоқишга ўн киши,
Пул санашга қирқ одам.
Ярим қишлоқ — зампомпом,
Яримқишлоқ — помзамзам.

Бир йил ўтгач донолар
Боғни тафтиш қилдилар.
Ўргандилар, ҳамма иш
Жойида деб билдилар.

Фақат штат қисқартиш
Заруратга ўхшади.
Буйруқ бўлди, Матмуса
Боғбон ишдан бўшади.

Эй сиз, дўстлар, борсангиз
Бизнинг Донишқишлоққа —
Қўниб ўтинг ғаройиб,
Боғбони йўқ у боққа.

Ўзингиз бир хисобланг
Ходим кўпми, қумурсқа...
Кириб олинг сиз ҳам бир
Телефонлик юмушга.
1976-1991

Qayd etilgan


Y_U_R_I_S_T  13 Mart 2010, 10:09:46

- СУБҲИ СОДИҚ -

Бу янги тарихдир, бу янги замон,
Зулм салтанати энди собиқдир.
Шуълалар таралди, ёришди осмон,
Бу субҳи содиқдир, субҳи содиқдир.


* * *

Ғунча очилишин зор кутиб, саҳар —
Булбул кўзларини уйқу оларкан.
Ошиқ ёр васлига интилиб йиллар,
Етганда тили лол бўлиб қоларкан.

Дафъатан чиққанда тийра гўшадан,
Нурга ожиз экан одамзод кўзи.
Ўша булбул — менман, ошиқ — ўшаман,
Мен кўзи қамашган инсоннинг ўзи...
1991


ШУКУРКИМ, КЕЛДИ ИСТИҚЛОЛ

Агарчи исмим Эркин.
Эрки йўқ, банди кишан бўлдим,
Кўзим боғлиқ, дилим доғлиқ,
Тилимйўқ, бесухан бўлдим.

Кўриб ҳайратга тушди
Бу жаҳон ҳоли паришоним,
Бамисли анкабут сўрган —
Чибин, пажмурда тан бўлдим.

Муаззам Сайҳуну, Жайҳун —
Лабида ташна лаб қолдим,
Кийинтирдим жаҳонни,
Жисми урён, бекафан бўлдим.

Чекибдур Бобуру Фурқат
Ватан ҳажрида афғонлар,
Мен эрсам, ваҳ, не ғурбатким,
Ватанда беватан бўлдим.

Олисда, оҳ, диёрим, деб
Соғинган, эй ватандошим,
Дема сен ўзни бебахт,
Бахти йўқ аслида ман бўлдим.

Шукурким, келди истиқлол,
Умидимрост қил, Оллоҳим,
Ки, шояд беқафас булбул
Каби соҳиб чаман бўлдим.

Ишончим бор, Ватан, бир кун
Келар чин нурли давронинг,
Дегайман шунда чин Эркин,
Чин инсон қайтадан бўлдим.
1991


ЯНГИ ЙИЛ МУНОЖОТИ

Вақтнинг чопқирлигига ҳайратим тугамасдир,
Йилнинг ўтиши гўё чақнаган чақмоқ мисол.
Йил надир, умр ўзи аслида бир нафасдир,
Эшикдан кириб шу он дарчадан чикмоқ мисол.

Беш юз йил яшар эмиш, тоғ аҳли бир қабила,
Сабрни маслак билиб, қаноатни тоат деб.
Уй тикламас эмишлар биргина сабаб ила,
Шу озгина умрга ранж чекмоқ на ҳожат деб.

Бу-ку бир афсонадир, аслида аҳли олам
Одамдек яшаш истар шу беш кунлик дунёда.
Жаҳондан умид узмас умри ўтиб борса ҳам,
Ёши улғайган сари орзулари зиёда.

Боламдеб ниҳол экар, набирамдеб уй солар,
Мендан ҳам бирор ёдгор авлодимга қолсин, дер.
Дил тубида умрбод яшар ойдин хаёллар,
Ватаним камол топсин, миллатим юксалсин, дер.

Инсондек яшамоқнинг асли шудир маъноси,
Юрт севгиси бизларга юракдаги қондандир,
Бу муқаддас туйғуда аждодларнинг нидоси,
Ҳадис сўзи — Ватанга муҳаббат имондандир.

Имонимни бутун қил, юртимни нурафшон қил,
Пок, ҳалол йўлларингга бизни йўлла, илоҳим.
Ватаним кемасини долғалардин омон кил,
Бу поёнсиз уммонда ўзинг қўлла, илоҳим.

Юракларга меҳр сол, адоватдан қил йироқ,
Букунги заҳматларнинг оқибати қут бўлсин.
Эркка ташна элимнинг бахти бўлсин ярқироқ,
Осмони ёруғ бўлсин, насибаси бут бўлсин.
1992


НАВРЎЗ НАШИДАСИ

Юртим!
Илҳомимга сарчашма ўзинг,
Бирдек азиз менга ёзинг ҳам кузинг.
Букун баҳорингга шеър айтмоқчиман,
Ватаним, муборак бўлсин наврўзинг.

Яна олам бўлди яшил, серфусун,
Яна қизғалдоқлар очилди гулгун.
Бу йилги кўкламинг ўзгача бутун,
Ватаним, муборак бўлсин наврўзинг.

Қаттиқ қишдан чиқдинг зах тортиб, хориб,
Ердан чиққан каби бойчечак ёриб.
Бағрингдан муз кетди хамалга бориб,
Ватаним, муборак бўлсин наврўзинг.

Қир яшил, боғ яшил, бўстондир яшил,
Баҳорий либосда жаҳондир яшил,
Эрк яшил, истиқлол, имондир яшил,
Ватаним, муборак бўлсин наврўзинг.

Бошингда ҳуррият қуёшинг бордир,
Ўз Туғро, Байроғинг, Юртбошинг бордир.
Мақсадинг. ғайратинг, бардошинг бордир,
Ватаним, муборак бўлсин наврўзинг.

Ёш чинорсан, ўзни тутиб оларсан,
«Илик узилди»дан ўтиб оларсан.
Юзлаб баҳорларни кутиб оларсан,
Ватаним, муборак бўлсин наврўзинг.

Бугун далаларга қадалган уруғ
Иншооллоҳ, ризқу баракот тўлуғ,
Эй, умид ўлкаси, эртаси улуғ —
Ватаним, муборак бўлсин наврўзинг.
1992


ТУРКИСТОН БИР, ВАТАН БИР

Қадим она бу тупроқ
Туркистон бир, ватан бир.
Бизга жондан азизроқ
Туркистон бир, ватан бир.

Ал-Беруний ёди бор,
Яссавий фарёди бор,
Қошғарий ижоди бор,
Туркистон бир, ватан бир.

Тангритоғ — шамоили,
Жайҳун, Талас ва Или —
Боболарим манзили —
Туркистон бир, ватан бир.

Фаробий чолғусида,
Навоий орзусида,
Шоҳ Бобур қайғусида
Туркистон бир, ватан бир.

Темур бобомтуғида,
Шермуҳаммад руҳида,
Истиқлол шукуҳида
Туркистон бир, ватан бир.

Тожик — юксак Помирим,
Туркман — туташ томирим,
Қирғиз, қозоқ — бовурим —
Туркистон бир, ватан бир.

Мустафо Чўқай жони,
Чўлпоннинг шаҳид қони,
Қодирийнинг армони —
Туркистон бир, ватан бир.

Ёвлар пора қилган тан,
Хомталаш бўлган ватан.
Оҳ, бўлурми қайтадан
Туркистон бир, ватан бир.

Она ерга қулоқ тут,
Нидолар бўлмас унут.
Руҳлар айтар: она юрт
Туркистон бир, ватан бир.
1992


ЎЛКАМДА БАҲОР

Далалар уйғонди, бойчечак унди,
Заминдан қор кетди, кўнгилдан ғубор.
Ярқ этган толедай қуёш кўринди,
Ўлкамда баҳордир, ўлкамда баҳор.

Қиш узоқ чўзилди, шукур, ўтди-я,
Боқийдек туюлган музлар кетди-я,
Ивишиқ кунларнинг куни битди-я,
Ўлкамда баҳордир, ўлкамда баҳор.

Баҳорда ёшликнинг тотли бўйи бор,
Баҳор эрк сингари ёруғ ва зангор.
Ёш юртим баҳордек бўлсин беғубор,
Ўлкамда баҳордир, ўлкамда баҳор.

Баҳорнинг баҳордек феъллари бордир,
Момоқалдироғи, селлари бордир.
Гоҳ сарин, гоҳ аччиқ еллари бордир,
Чунки у баҳордир, ўлкамда баҳор.

Майли-да, хуш келди, бут келди кўклам,
Тўкинлик, барака кут, келди кўклам,
Иншоолоҳ, дейлик — қут келди кўклам,
Ўлкамда баҳордир, ўлкамда баҳор.
1992


ВАТАН ҚАДРИ

Чашма қошида тиниқ сув
Қадрини билмас киши,
Сайр этиб гулшанда гулни
Кўзига илмас киши.

Ваҳ, бу не ғафлатки инсон —
Кўксида тутмиш ватан,
Ким ватан ичра ватаннинг
Шукрини қилмас киши.

Юрт недир, юрт доғи недир,
Юртдан айрилган билар,
Англагувчи юрт фироқин
Юртда топилмас киши.

Эй, ватандошим, эшит
Бобуру Фурқат ноласин,
Бесабаб андуҳ тиғида
Бағрини тилмас киши,

Билма, фарзандим, ватан ҳажрини,
Лек қадрини бил —
Кимватан қадрини билмас,
Англа, комилмас киши.
1992


ЎЗБЕКИСТОН БОҒЛАРИГА ҚАЙТИБ КЕЛДИ БУЛБУЛЛАР

Бугун саҳар булбулларнинг чаҳ-чаҳидан уйғондим,
Шоҳимардон тоғларида бир яйрадим, қувондим.

Бир-бирига навбат бермай қўшиқ айтди булбуллар,
Шукр бўлсин, боғларимга яна қайтди булбуллар.

Неча замон ноёб эди ўлкамда бу тарона,
Неча замон булбулларни соғинганди Фарғона.

Томигача пахта эккан элда нетар булбуллар,
Осмонидан заҳар ёққан юртдан кетар булбуллар!

Чаманзорлар шудгор бўлса булбул қандоқ яйрасин,
Эрк қушчаси эрк йўқ жойда қандоқ қилиб сайрасин?

Мана, букун боғларимга қайтиб келди булбуллар,
Ҳур Ватанга ҳур қўшиқлар айтиб келди булбуллар.

Мен ҳам энди қаламимни шеърлар учун чархлайин,
Бу сеҳрли таронани ғазалларда шарҳлайин.

Бугун саҳар булбулларнинг чаҳ-чаҳидан уйғондим,
Шоҳимардон тоғларида бир яйрадим, қувондим.

Чаманларда шўх сайрасин, завққа тўлсин булбуллар,
Қайтмас бўлиб ватанимга келган бўлсин булбуллар.
1992


* * *

Ватан, то танда жоним бор,
Сенингдирман, сенингдирман,
Таним ҳок ўлса ҳам сен ёр,
Сенингдирман, сенингдирман.

Жаҳон кенгдир, фалак кенгдир,
Юрак кенгдир, чу сен борсан,
Сенингсиз икки дунё тор,
Сенингдирман, сенингдирман.

Менга бегона элларда насиб гар
Ўлса юз роҳат
Чекай бағрингда минг озор,
«Сенингдирман, сенингдирман.

Агар шодликларинг оздир,
Менингдирсан, менингдирсан,
Магарким ғамларим бисёр,
Сенингдирман, сенингдирман

Бугун бор, эрта йўқ жисмим,
Валек руҳим учун мангу
Сенинг мангулигинг даркор,
Сенингдирман, сенингдирман.

Сенинг ишқинг билан ёндим,
Кетар жонимда бу оташ,
Сенингдирман, яна такрор,
Сенингдирман, сенингдирман.
1992


* * *

Қадаминг муборак бўлсин, янги йил,
Умрим дафтарининг шероз йили бўл.
Умид Манзилини бизга яқин қил,
Юксалиш йўлининг оғоз йили бўл.

Баҳор ёмғир бўлиб баракангни соч,
Ёзда офтоб бўлиб толе юзин оч,
Кузинг тўкин келсин, бахтинг боривож,
Озод Ватанимга парвоз йили бўл.
1993


КЕЛ, ЭЙ БОБУР, ВАТАНГА...

Кел, эй Бобур, ватанга,
Элда ёдинг, қадру шонинг бор,
Табаррук бул заминингда
Ҳаёти жовидонинг бор.

Соғинчинг, орзуйинг,
Кўзёшинг, армонларинг бунда,
Жаҳонга сиғмаган
Шоир хаёлинг, бир жаҳонинг бор.

Бу юртнинг лолазорига
Сочилгандир юрак қонинг,
Шафақларда фалакни
Ўртаган ўтли фиғонинг бор.

Замонеким, низолардан
Тўйиб тарки ватан қилдинг,
Муродинг энди ҳосилдир,
Замони алъамонинг бор.

Элинг, алҳамдулиллоҳким,
Асоратдан халос бўлган,
Гўзал юрт Андижонинг,
Анда руҳинг, анда жонинг бор.

Кел, эй Бобур, ғазал ёз,
От миниб кез шоҳ Бобурдек,
Неча Бобур каби наслинг
Баҳодир, паҳлавонинг бор.
1993


ҲОЖИ ОТА МАРҒИЛОНИЙ СЎЗИ

Етмиш йиллик умрим ўтди хорижда
Юздан ошган Ҳожи отанг бўламан.
Ўлолмадим Истанбулда, Порижда,
Она юртдан айру қандоқ ўламан?

Қандоқ кетай ватанимни кўрмай ҳур,
Илҳақликдан зўр дунёда ҳеч дард йўқ.
Мана, етдим муродимга, минг шукур,
Энди, болам, ўладиган номард йўқ.
1993


ЁШ ШОИРГА

Тилай ғайрат сенга, ёш шоир укам,
Фазлу ҳикмат сенга, ёш шоир укам.
Биз ҳам куйлаб ўтдик имконлар қадар,
Энди навбат сенга, ёш шоир укам.

Мустақил ҳур маъво сенингдир, сенинг,
Озод, эмин садо сенингдир, сенинг.
Биз шивирлаб айтган туйғуни энди
Куйлаш ошкоро сенингдир, сенинг.

Нафосат юртига посбон бўл, ўғлон,
Тили шамшир, кўкси қалқон бўл, ўғлон.
Аввало шоир бўл, ундан ҳам аввал
Шу юртга ўғлон бўл, ўғлон бўл, ўғлон.
1993


ИККИ ЖАҲОННИ САДҚА ҚИЛ

Яхшилик қилма бировга кўз учун,
Яхшилик асли бировмас, ўз учун.

Ризқи рўз бердим дема, одам ахир
Келмагай дунёга ризқи рўз учун.

Не олиб кетгай бу оламдан киши,
Бори савдо икки газлик бўз учун.

Гар жаҳоннинг шоҳидурсан, зорсан,
Меҳр аталган малҳаму дилсўз учун.

Жон надир, икки жаҳонни садқа қил
Дўст сенга айтган бир оғиз сўз учун.
1994


ТИЛСИМ

Аёл хатосидан кулган хатодир,
Тортишган ундан ҳам улкан хатодир.
Аёл ҳеч бир баҳсда енгилмас тилсим,
Уни фақат севиб қилурлар таслим.
1994


МЕҲМОН ВА МЕЗБОН
(Ўзбекчилик лутфларидан)

— Мени меҳмонга айтсангиз,
Туртмасангиз борай,
Юмшоқ ўрнимдан бўйрага
Сурмасангиз борай.
Қовоғингиз осиб, лабни
Бурмасангиз борай.
Томоғимга ханжар тираб
Турмасангиз борай.
Менинг учун темир қафас
Қурмасангиз борай.
Ўлар ҳолга етгунимча
Урмасангиз борай.

— Сиз мен учун азиз меҳмон,
Туртарканман нега?
Қовоғимни осиб, лабим
Бурарканман нега?
Юмшоқ жойдан қоқ бўйрага
Сурарканман нега?
Сизнинг учун темир қафас
Қурарканман нега?
Ким ўз меҳмонин урипти?
Урарканман нега?

— Борсам, юқори чиқинг, деб,
Мени туртасиз-ку,
Хоҳлаган жойимни бермай
Тўрга сурасиз-ку.
Паққос ошингиз емасам
Лабни бурасиз-ку,
Май ичмасам ханжар тираб
Зўрлаб турасиз-ку,
Кетай десам қўймай темир
Қафас қурасиз-ку,
Нодонга ҳамсуҳбат қилиб
Мени урасиз-ку.
1994


«ТАРБИЯ»

Жиян тоғасига «жиннисан» деса,
Ота танбеҳ берди ўғлига секин:
Тоғанг катта одам, каттани эса
Сизлаш керак, ўрлим, «жиннисиз», дегин.
1994


ДЎСТИ НОДОНДАН КЎРА

Бўлмаса ҳушёр ёру
Оқилу содиқ жўра,
Яхшидир идрокли душман
Дўсти нодондан кўра.

Дўсти нодон дўстлигидан
Кўп жафо чекдинг, кўнгил,
Ёлбориб дўстингдан энди
Битта душманлик сўра.

Дўст топишга хом этибдир
Бизни тақдири азал,
Ғўр бўлиб дунёга келдик,
Гўрга киргаймиз ғўра.

Асли ўздин ўзга йўкдир,
Дўсти нодон, ўзга биз
Тил билан қўйдик тузоғ,
Қаздик қаламбирлан ўра.

Гар мени дўст англасанг,
Аччиқ тилимдан ранжима,
Менга душман ўз тилим,
Лекин сенга дўстдир, жўра.

Қил ўзингга дўстлик, Эркин,
Руҳингга иста нажот,
Тоза кўнгилни муҳаббат
Шуъласи бирлан ўра.
1994


МАСКАНИМ ФАРҒОНАДИР

Бу ватанда бир макон бор, мен учун бир донадир.
Кўҳна Туркистон садаф бўлса, у ер дурдонадир.
Ким парихона деб айтар, ким учун Парконадир,
Шеърият таърифида уйқудаги жононадир,
У менинг уйғоқ диёрим ўктаму мардонадир,
Масканим Фарғонадир, Фарғонадир, Фарғонадир.

Чин парилар маскани, Зуҳрою Тоҳирлар ери,
Олиму шоир, ҳунарманд, фазли нодирлар ери,
Кўп ажиб мўъжиза бунёдига қодирлар ери,
Кифтда тўн, белда қийиқ, марду баҳодирлар ери,
Мақтаниб юрдим жаҳонда, менга бу юрт онадир,
Масканим Фарғонадир, Фарғонадир, Фарғонадир.

Кечмишинг хобимга кирса, сесканиб уйғонаман,
Сочи қирқилган момом фарёдидан тўлғонаман,
Шоиринг ёзмиш: «Шул айбим — мардуми Фарғонаман».
Шукрларким, бу алам андуҳига бегонаман,
Эл аро фарғоналикман, деб ғурурим қонадир,
Масканим Фарғонадир, Фарғонадир, Фарғонадир.

Масканим Фарғонаю кўҳна Самарқанд ҳам маним,
Хоразм — фахрим, Наманган меҳриму жоним-таним,
Ёшлигим ардоқлаган Тошкент кўнгулдан севганим,
Андижон, Сурхон, Бухоро, ўз чўлим, ўз гулшаним,
Лек, десам Фарғона, дилда ўзга оташ ёнадир,
Масканим Фарғонадир, Фарғонадир, Фарғонадир.

Мустақил тинчу омон юртим саодат ўлкаси,
Келмасин бошига ҳеч ранжу балолар кўлкаси,
Ризқи бут бўлсин унинг, ер кўрмасин ҳеч елкаси,
Янграсин оламда мен ҳурман деган озод саси,
Бу замин оби-ҳаёт бирла тўлуғ паймонадир,
Масканим Фарғонадир, Фарғонадир, Фарғонадир.
1995


ФАРҒОНАНИНГ ЙЎЛЛАРИДА

Дейдиларки, эр кишининг
Уялгани — ўлгани.
Фарғонанинг йўлларида
Қувиб ўтдик «Волга»ни.

Довон ошиб, шамол бўлиб
Учар бизнинг «Жигули»,
«Жигули»мас, накд «Бойчибор»,
«Ҳавопаймо» дегули.

«Жигули»да биз — тўрт улфат,
Дунё билан иши йўк.
Ўзимиздан жуда мағрур,
Бизга етар киши йўқ.

Кечқурунги базми жамшид —
Тўйга шошиб борамиз.
Кўринган ҳар ғилдиракни
Қувиб ошиб борамиз.

Бир пайт бизнинг жайрон тойни
Билолмадик не сабаб,
Пачоққина «Запорожец»
Қувиб қолди, воажаб.

Ўзмоқ бўлиб йўлни гоҳ сўл,
Гоҳи ўнгга солади.
Тумов бўлган хўроз каби
Бибилдоғин чалади.

Бизлар эса бўш келмаймиз,
Мингга қўйиб босамиз.
Қий-қийлашиб, тил кўрсатиб,
Масхаралаб қочамиз.

«Запорожец» нима бўпти,
Қувиб ўтдиқ «Волга»ни.
Бос, дер Парпи, эр кишининг
Уялгани — ўлгани.

Рихситилло қичқиради:
«Тоғорангни нари ол».
Эгамберди қаҳқаҳ урар:
«Эски қумғон, яхши қол!».

«Запорожец» чидамади,
Тўрт улфатни гангитиб,
Шартта йўлни қирга солди,
Ҳаммаёқни чангитиб.

Тариллади, вариллади,
Қувиб ўтди, воҳ, қаранг!
Қувиб ўтиб машинани
Йўлга қўйди кўндаланг.

Биз тўхтадик. Йўл беркилган.
Ўтишга ҳеч имкон йўқ.
Тўртов ҳайрон ўлтирибмиз,
Тиззаларда дармон йўқ.

«Запорож»дан чиқиб келди
Фарғоналик барзанги.
Барзангининг ҳар елкаси
Нақд Чотқолнинг харсанги.

Белбоғига осиб олган
Пичоғи ҳамбир қулоч.
Қалтираймиз, олдга йўл йўқ,
Қайтишга ҳам йўқ илож.

Машинани ташлаб қочсак
Қаерга ҳам кетармиз?!
Битта-битта ушлаб олиб
Чавақласа нетармиз?!

Ана, қаддин ростлади у,
Сўнг атрофга аланглаб —
Бизга қараб аста юрди
Кинг-Конг мисол лапанглаб.

Шу пайт илож бўлса эди
Биз тўрт аканг қарағай,
Тошкентгача қочар эдик
Орқамизга қарамай.

Яқин келди, саломберди,
Эртакларда дейдилар:
Девлар аввал саломбериб,
Кейин тутиб ейдилар.

Деразадан қўлни тиқди.
Улкан, жундор, даҳшат қўл.
«Сўрашайлик» демаганда
Додлар эдик, энгил ҳўл.

Гулдираган овоз билан
Гап бошлади: «Минг узр.
Йўлингизни тўсиб сизни
Қилган бўлсам беҳузур.

Машинангиз ғилдираги
Бўшаётир, акалар.
Мотордан ҳам мой кетганга
Ўхшаётир, акалар.

Шуни айтиш учун қувиб,
Йўлни тўсдим, кечиринг!
Энди ўзим кўриб берай,
Мотор ўтин ўчиринг».

Шундай дея кириб кетди
Машинанинг тагига.
Сўнгра чиқиб насос урди
Орқа ғилдирагига.

Сеҳрланган одамлардек
Турар эдик биз ҳайрон.
Қарашайлик десак қўймас:
«Фарғонага сиз меҳмон».

Иш ораси латифалар
Айтиб яна кулдирди.
Хуллас, шу кун деҳқон йигит
Бизни тирик ўлдирди.

Ишни созлаб, ариқчада
Ювар экан қўлини,
Сўраб борар манзилимиз,
Айтди яқин йўлини.

Сўнг бор қараб машинага,
Ён кўзгуни тузатди.
«Оқ йўл», деди, ўзи кетмай
Аввал бизни кузатди.

«Хайр, қамчи босинг, энди
Тойчоғингиз ҳеч толмас.
Бизнинг эски қумғон тугул
Самолёт ҳам етолмас».

Йўлга чиқцик изза бўлиб
Қип-қизариб, шарманда.
Энг ёмони кейин бўлди —
Тўйхонага борганда.

Остонада ўша йигит
Бизни кутиб турарди.
Қўлда қумғон, елкасида
Сочиқ тутиб турарди.

Кўзи кулиб боқар эди,
Сир бермасди у бироқ.
Бундан кўра бизни тутиб
Урса эди яхшироқ.

Ўзимизга аён шу кун
Бўларимиз бўлгани.
Дейдиларки, эр кишининг
Уялгани — ўлгани.
1996


ДЕМАНГ, ШОИР ТИНИБ КЕТДИ

Деманг, шоир тиниб кетди,
Сиёсатга иниб кетди.

Ва ё айтмангки, мўрт толдек,
Шамолларда синиб кетди.

Сиз, эй лутф баҳрида ғаввос,
У сизни соғиниб кетди.

Деманг, шоир жимиб кетди,
Ғазал ёзмай тиниб кетди.

Тиниб кетса, билингизки,
Ёғоч отга миниб кетди.
1996


МУБОРАКБОД

Икки ёнбағирдан тушган қўш ирмоқ
Бирикиб сой бўлиб оққани каби,
Қамар кўзгисию қуёш шуъласи
Учрашиб ой бўлиб боққани каби,

Қарчиғай кифтида туташ қўшалоқ
Қанотин фалакда қоққани каби,
Заминда учрашиб офтоб билан сув
Замин кўксига гул таққани каби,

Ғижжак торларида учрашган симлар
Куй бўлиб дилларга оққани каби
Шеър узра туташган қалам ва қоғоз
Юракларга олов ёққани каби.

Бу кун икки юрак — икки кабутар
Бир севги навосин чалмоқда хассос.
Икки чаманзорнинг икки чечаги
Бир янги гулшанга солмоқда асос.

Бу гулшан уйингиз муборак бўлсин,
Муҳаббат тўйингиз муборак бўлсин.
1996


КЕКСАЛИК ГАШТИ

Қарилик гаштини мақташдан кўра,
Мухбир болам, уни бизлардан сўра.
Мана, биз бу гаштни сураётирмиз,
Эрталаб инқиллаб тураётирмиз,

Оғрикдан қақшаган белимиз силаб,
Кавушимиз судраб, чунон имиллаб,
Белимиз чангаллаб юраётирмиз,
Қарилик гаштини сураётирмиз.

Билакдан куч кетган, кўздан эса нур,
Пашшамизни зўрға қўраётирмиз.
Бир махал оқ уриб қилардик ҳузур,
Энди валокардин ураётирмиз.

Келар ичимиздан хўрсиниқ чуқур.
Асқар тоғ эдик-ку, нураётирмиз.
Кўнамиз, не илож, шунга ҳам шукур,
Ҳарқалай кўз тирик, кўраётирмиз,
Қарилик гаштини сураётирмиз.

Қариликни ҳавас қилмагин, болам,
Ёмон кўринади кўзингга олам.
Қариганда ачиб қоларкан одам,
Баъзан бобов бўлиб ҳураётирмиз,
Қарилик гаштини сураётирмиз.

Қарилик гашт эмас, юлғунли дашт ул,
Қарилик тикандир, ёшлик эса гул,
Ёшликка не етсин, у ўзи маъқул,
Ёшлик хазинадир, қарилик — бир пул.
Йигитларга айтар насиҳатим шул:
Ёш ёшликда ёшлик гаштини сурсин,
Кексалик ҳам келар, уни ҳам кўрсин,
Ҳозирча қаришга шошмасдан турсин —
Белангиси қурсин, йўтали қурсин.

Агар маъқул бўлса фахрий деган ном
Барча нишонимиз олиб, бир оқшом
Ёшлигини бизга қарз бериб турсин.
Қарилик гаштини мақташдан кўра,
Мухбир болам, уни бизлардан сўра.
1996


ШАХМАТ УСТИДА АЙТИЛГАН ШЕЪР

Мен эркак ўрнида туришим керак,
Ё хотин измига юришим керак.

Хотиннинг, тўй, лозимомадаси кўп,
Ҳа, деса лаббай, деб туришим керак.

Ҳа, деса лаббай, деб туришим учун,
Уйимда пул завод куришим керак.

Уйимда пул завод қураолмасам,
Энг катта банкани уришим керак.

Энг катта банка ҳам қўлдан келмаса,
Ҳа, деса шалвираб туришим керак.

Шалвираб турувчи эркак бўлгандан
Йўқ бўлиб дунёдан, қуришим керак.

Дунёдан йўқ бўлиб кетмаслик учун
Мен эркак ўрнида туришим керак.

Яъни эркакларнинг ишини қилиб,
Мазза қилиб шахмат суришим керак.
1996


КУЗАТИШ

Маъсум кўзларингда севинч бир олам,
Мурғак кўнглинг ичра дунё ҳаяжон.
Бугун қўймоқдасан мактабга қадам,
Мустақил юртимга тенгдош болажон.

Отанг ғурурланар, онанг билмас тин,
Бувинг бўйларингдан юз бор айланди.
Янги ҳаёт сенга муборак бўлсин,
Озод ватанимнинг озод фарзанди.

Биринчи сентябрь, биринчи наҳор,
Биринчи қўнғироқ, биринчи таълим.
Осмонинг беғубор, дилинг беғубор,
Бахтли кун дунёга келган асалим.

Сени кузатаркан, ойижон эмас,
Фаришталар сочинг тараб турибди.
Хаёлимда шу бир хонадон эмас,
Олам йўлларингга қараб турибди.

Ойдин истиқболинг, иқболинг билан
Кўнглимнинг энг ширин хаёлидирсан.
Ниҳолсан, эртанги камолинг билан
Умидлар юртининг тимсолидирсан.

Кўнглимтўла сенга ҳавас ва зиё,
Ўзинг ўз, сўзинг сўз, мутелик абас.
Ўзга тил, бегона маслагу маъво
Энди сенга азиз, мукаррам эмас.

Ҳур мамлакат сенинг, ҳур юрак сенинг,
Буюк тарих сенинг, сенинг замонанг.
Инқилоб зурёди эмас ватанинг,
Қуллуқдан бошланмас миллий таронанг.

Шукур, шундоқ кунга етказди тақдир,
Ёруғ пешонангдан, кел, битта ўпай.
Юксакларни кўзла, қарчиғай ахир
Полопон бўлса ҳам зоти қарчиғай.
1998


ТОШКЕНТ ДАРБОЗАСИ

Менинг юртим бугун энди
Жаҳон бирлан туташгандир,
Туташ тақдир, туташ руҳдир,
Туташ жондир, туташ қондир.
Недир хат порлагувчи
Пойитахт дарбозаси узра,
Бу юртга хуш келибсиз,
Марҳабо, «Welcome to Toshkan»дир.
1997


БОҚИЙ ХОТИРА

Ўйлайман, очилса ҳар йил навбаҳор
Мовий кенгликларда алвон лолалар,
Булар лола эмас, ёт элларда зор
Лолага айланган аскар болалар.

Ўйлайман, офтоб уйғониб саҳар,
Кунчиқар уфқига тикканда ялов,
Бу гулгун шафақмас, осмонга қадар
Бевалар оҳидан туташган олов.

Ўйлайман, ҳар кеч шамс етса заволга,
Борлиқнинг тугамас мотами ростдир.
Тун эмас, оналар эгнида қолган
То маҳшар ечилмас қора либосдир.

Юр, болам, Майдонга борайлик бугун,
Қўлингда дона гул яноғингдек ол.
Бу гул сенинг бахтинг, шод кулгинг учун
Фидо бўлган бобонг қалбига тимсол.

Йўқ, сен ўзинг гулсан, ватанинг — чаман,
Улғай, асл зотинг унутма сира.
Билки, қадр билмак аслида — ватан,
Ватаннинг маъноси боқий хотира.
1998


* * *

Сиз менинг осмоним, моҳитобимсиз,
Моҳитобим эмас, офтобимсиз,
Ишончим, қувончим, юпанчим, яна
Соғинчим, ўкинчим, изтиробимсиз.

Сиз менинг қалбимсиз, қалбимдаги шеър,
Битмоқ орзу қилган бош китобимсиз.
Севгим, умрим, яна умримдавоми,
Бахтим, роҳатимсиз ва азобимсиз.

Сиздан шодлик кўриб кўзларимда нур,
Алам чексам майли, шунга ҳам шукур,
Бу дардли дунёда яхшики борсиз,
Борлигингиз учун сизга ташаккур.
1998


МЕНИНГ ЁРИМ
(Айтишув)

Менинг ёрим кичгина, йўкдеккина,
Тўппончадан отилган ўқдеккина.
Тотли сўзин эшитиб эрталабдан
Кечга қадар юрамиз тўкдеккина.

Менинг ёримқорача, холдеккина,
Арининг думидаги болдеккина.
Бизнинг аҳвол — қуймичга ари босиб
Беланги даволаган чолдеккина.

Менинг ёрим ингичка, мўрдаккина,
Мўрдаккина бўлса ҳам зўрдаккина.
Тунов кун бир кўтариб ерга урди,
Ғозгина эдим, бўлдим ўрдаккина.

Менинг ёрим сайроқи қушдеккина,
Сайроғи қулоримга хушдеккина.
Гапларини тинглайман сакраб, сакраб,
Ҳаммомдан кейин совуқ душдеккина.

Менинг ёрим кампиру — қиздеккина,
Сиздек эдик, сиз бўлинг биздеккина.
Музхонада ҳар нарса узоқ турар,
Узоқ яшаб юрибмиз муздеккина.
1998


ТАЙЁРАДА

Парвоз чоғт тайёранинг дилбар келини
Кўк тоқини бизга тахти Сулаймон қилди.
Лекин эълон ўқиганда ўзбек тилини
Давлат тили бўлганига пушаймон қилди.
1998


16 ФЕВРАЛЬ 1999 ЙИЛ

Бу дунёда яхши, ёмон кунлар кўрдим,
Ўкинчим йўқ, майли, йиллар қаддим эгсин.
Мен ҳамон бир аскарингман, она юртим,
Сен томонга отилган ўқ менга тегсин.

Ҳали комил атолмасман маконимни,
Бекамодил санолмасман замонимни.
Лек киприкда сақлайман бу давронимни,
Бу давронга отилган ўқ менга тегсин.

Юртим, олис йўлга чиққан карвонинг бор,
Карвонингга посбон уйғоқ сарбонинг бор,
Эл дардида халоватсиз ўғлонинг бор,
Шу инсонга отилган ўқ менга тегсин.

Тонг нурисан, ватан, қалбим осмонида,
Эркинг азал аждодларнинг армонида,
Меҳринг абад авлодларнинг имонида,
Шу имонга отилган ўқ менга тегсин.
1999


ЎЗБЕК НАВОИЙНИ ЎҚИМАЙ ҚЎЙСА...

Ўзбек Навоийни ўқимай қўйса,
Олтин бошнинг калла бўлгани шудир.
Бедил қолиб Демьян Беднийни суйса,
Қора сочнинг малла бўлгани шудир.

Ўзбек Навоийни ўқимай қўйса,
Дод демоққа палла бўлгани шудир.
Маърифатдан айру ўйнаса, кулса,
Аза чоғи ялла бўлгани шудир.

Ўзбек Навоийни ўқимай қўйса,
Алдангани, алла бўлгани шудир.
Юлғич азиз бўлиб, билгич хор бўлса,
Пайтаванинг салла бўлгани шудир.

Эл комил бўлмаса юрт эмас улуғ,
Беқадр маҳалла бўлгани шудир.
Қалб тўла нур халқнинг ризқи ҳам тўлуғ,
Омбор тўла ғалла бўлгани шудир.

Ўзбек ўзлигини англаса бекам,
Унинг «Баракалла» бўлгани шудир.
Оламга Навоий наслиман деган
Овози баралла бўлгани шудир.
1971-2000


УЧРАШУВ

Олмон ватанимни забт этолмаган,
Ажиб ишлар қилар бул чархи гардун.
Милтиқ эмас, қалам тутган Йоганн
Менинг кулбамаро меҳмондир бугун.

Қўлида Саъдийнинг «Гулистони» бор,
«Шарқ-ғарб девони»дин ўқир менга шеър.
Бунда ногоҳ икки соҳиби ашъор
Дардлашиб қолдилар — Гёте, Алишер.

Даҳоларга йўкдир замон ва макон,
Улар малак янглиғ олам боласи.
Ошиқ юракларни титратар ҳамон
Мажнун фарёди-ю, Вертер ноласи.

Гарчи ўтиб кетмиш асрлар қатор,
Гарчи букун ўзга курраи олам.
Аммо ҳануз ерда ёсуманлар бор,
Ҳануз ўлгани йўқ Мефистофель ҳам.

Лайло, Маргарита соф дил тўлқини
Гоҳи харсангларда бўлади чил-чил.
Икки оламаро инсон руҳини
Ҳануз талашади Ҳақ ва Азозил.

Лекин Фарҳодгаю, Фаустга армон
Меҳнат, ижод юрти бу менинг ўлкам.
Устозларим уни кўрсин деб бир он
Тўхта, эй сония, деюрман бу дам.
1999


КАЪБАТУЛЛОҲ

Имону намозу рўзаю закот —
Фарзин адо этмай, эл кўзи учун —
Хожи деган номни олмоқ бўлган зот —
Қулоғига гапим, бир ўзи учун:

Нафи йўқ зар сочиб гуноҳ ювишнинг,
Раҳмон ҳам жаббор ҳам ёлғиз Оллохдир.
Бир дардманд қариндош, бир муҳтож қўшнинг
Озурда юраги Каъбатуллохдир.
1999


ГРИПП БЎЛГАН ОШНАМГА

Соғлом бўлсанг ишлаб ҳорма, оғайни,
Грипп бўлсанг ишга борма, оғайни.
Фидойиман деб ҳаммага уқтирма,
Бу ҳам бир дард, уни элга юқтирма.
1999


ШЕЪР ЁЗГАНДА
Озод Шарафиддиновга

Шеър ёзганда юрак сўзидан
Бошқа сўзни уққан эмасман.
Нозирларнинг қаттол кўзидан,
Ғазабидан қўрққан эмасман.

Фақат шеърим ростмона тиниб
Етилмаса, хом чиқса бехос,
Устоз Озод Шарафиддинов
Қовоғидан қўрққанман, холос.
2000


ЁЛҒОН ХДҚИДА

Гар ҳаким ўсалга тасалло бергай,
Сўзи ёлғон бўлса, Оллоҳ кечиргай.

Айрилган дўстларни қовуштирган зот
Алдаса, тадбири гунохдан озод.

Хунук хотинингга айт, юзинг — офтоб,
Бу асли ёлғонмас, гуноҳмас, савоб.

Росту ёлғонларнинг ҳисоби бордир,
У дунё, бу дунё жавоби бордир.

Ёлғончи оламда гуноҳимиз кўп,
Кечирувчи танҳо парвардигордир.

Жаҳонда ёлғон бор лбкин энг ёмон —
Элни жаҳолатга бошлаган ёлғон.

У халқ юрагига отилган ўқдир,
Унга икки оламмағфират йўкдир.
2000


КИЧКИНА КАТТАЛАР

Мартаба берганда феъл ҳам берса кенг,
Адлу мурувватдан қилмаса жудо.
Даргоҳи катталар бор бўлсин, лекин
Кичик катталардан асрасин худо.

Сен бирор эшикка бош уриб борсанг,
Юз бор ҳақ бўлсанг-да битмаса ишинг,
Билки, кўкси ичра қалб эмас, харсанг,
Кичкина каттадир учраган кишинг.

Сен олим бўлсангу ихтиро билан
Лол қилгудек бўлсанг агар дунёни,
Сенга йўл очгунча бир имзо билан
Кичкина каттанинг узилар жони.

Тадбиркор бўлсангу эл нафи учун
Бир тадбир ўйласанг, изласанг чора,
Улар топар албат ечилмас тугун,
Суягинг қолгунча қилар овора.

Аскар қасам ичар бўлмоққа фидо,
Табиб қасам ичар бахш этмоққа жон.
Кичкина катталар онт ичар аммо
«Фалон бўлай, сени қилмасам сарсон».

Чинор бўлсанг, улар кемиргувчи қурт,
Пўлат бўлсанг улар емиргувчи занг.
Эй тангрим, эл унмас, қад кўтармас юрт
Кичик катталарга инсоф бермасанг.

Ҳеч кимса бўлмаган дунёга устун,
Уқбога зар олиб кетмаган одам.
Каттаю кичикнинг бошида бор кун
Келар, ахир кичик катталарга ҳам.
 
Мен шеър айтдим, холос, не ҳам қилай ман,
Не илож, изтироб жонга ўт қалар.
Фақат кўнглингизга имон тилайман,
Диёнат тилайман, кичик катталар.
2000


БИР НИҲОЛ

Юртдошим, боғингга бир ниҳол қада,
Бу ниҳол номини Яхшилик ата.
Ниҳолинг ёнига бир гул экиб қўй,
У гулнинг исмини Гўзаллик деб қўй.

Гулу ниҳолингга бахш этиб ҳаёт,
Сув бер ва бу сувга Меҳр деб қўй от.
Сендан фарзандингга боғ қолсин, эй дўст,
Боғинг Ватан деган ном олсин, эй дўст.
2000


ТАБРИК
(«Халқ сўзи» газетасига)

Дарбозам чертувчи эрта тонг билан,
Элни уйғотувчи ҳар субҳ бонг билан,
Рўзномам, ўн ёшинг муборак бўлсин,
Янги аср, янги шуур, онг билан.

Ёдимда тўқсон бир, туғилган йилинг,
Истиқлол деб дастлаб чиққанди тилинг.
Мустақил мамлакат тенгдоши бўлиб
Ватан хизматига боғланди белинг.

Мудом озод элнинг озод сўзи бўл,
Кенг оламга сергак боққан кўзи бўл.
Хақиқат йўлини ёритган чароғ,
Адл карвонига қутб юлдузи бўл.

Бу ён Америка, бу ён Чинмочин,
Ўзбек олам узра ёзди қулочин.
Қулоч ёзган элнинг садоси бўлиб
Юксал, темир қанот, эй мурғак лочин!
2001

Qayd etilgan


Y_U_R_I_S_T  13 Mart 2010, 10:11:00

АҲМАД АЛ-ФАРҒОНИЙ

Аҳмад ал-Фарғоний таваллудининг 1200
йиллигига бағишланган байрам томошаси
Сценарийси


МУҚАДДИМА

Саҳнада қўлида устурлоб тутган Аҳмад ал-Фарғоний сиймоси.

Ал-Фарғоний

Ассалом, Турон элим, Фарғона юртим, ассалом!
Рубъи маъмур ичра тутган нодир иқлимда мақом.
Минг икки юз йил оша бағрингга келдим, эй ватан,
Ҳур элимга айтай энди ўз ҳаётимдан калом.
(Мусиқа.)

Фарғона тўртинчи иқлимда турур,
Зироат, ҳунарда оламга машҳур.
Илму фани қадим, санъати қадим.
Файз, баракот берган Оллоҳи карим.
Суви оби кавсар, боғлари ризвон,
Бу юртда яшайдур жаннатий инсон.

БИРИНЧИ ҚИСМ

Фарғона бозори,
савдогар ва ҳунармандлар:

— Кеп қолинг узанги, эгар-жабдуққа,
— Кеп қолинг, кеп қолинг қути, сандуққа.
— Кеп қолинг дутору танбуру найга,
— Биздан кўза олмай кетарсиз қайга?
— Шамдон бор,
— Бор ўткир кетмон, тешамиз,
— Жаҳон мўъжизаси рангин шишамиз.

Бозорга хитой карвони келади.
Хитойи карвон сардори:

— Биз мулки Хитойдан ипак коривон,
Марв, Шому Румога бўлурмиз равон.
Савдогармиз сотар, олар ишимиз,
Лекин тарихларда қолар ишимиз.
Бизлар замон каби оқувчи дарё.
Маърифат риштаси шарқу ғарб аро.

Китобдор

— Ҳей бола, ўйнама, китобга тегма.

Аҳмад

Сизда Батлимуснинг китоби борми?

Китобдор

Сен бола қайдаю Батлимус қайда!
Тур, бор, ёнғоқ ўйна!

Аҳмад

«Алмажест» керак!
Мен Қубо, Марғилон саҳҳофларидан
Афлотун, Арасту, Суқрот, Уқлидус
Китобларин олиб ўқиб чиққанман.
(Бир китобни қўлга олиб)
Мана Батлимуснинг «Жўғрофия»си
Уни ўқиганман. «Алмажест» керак.

Китобдор

Во ажаб! Во ҳайрат! Етмиш йил яшаб,
Дунё кезиб китоб сотиб бу каби
Донишманд болани кўрган эмасман.
Исминг нима, ўғлим?

Аҳмад

Аҳмад.

Китобдор

Ё Аҳмад!

Шу ер, шу куёшга бўлсинки қасам
Албатта сен буюк олим бўлурсан!
Йиллар ўтди, кезиб Хўқанду Хўжанд,
Ахси, Косон, Ўзган, Фарғона аро
Мен ўқиб чиқмаган китоб қолмади,
Замин иқлимида, само буржида
Мен ўлчаб чиқмаган ҳисоб қолмади.
Шуҳратим Бағдодга етдию бир кун
Саройга чорлади мени шоҳ Маъмун.
(Мусиқа)

Ал-Фарғонийни Бағдодга кузатиш.

Фарғона ноиби

Денгизнинг садафи, гавҳари бордир,
Ҳар юртнинг ўз фазлу зевари бордир.
Лекин Оллоҳ бизга айлаган тортиқ
Илму маърифатдан давлат йўқ ортиқ.
Юртимизда шундоқ гавҳар порлабдир.
Бу — Аҳмад! Шоҳ Маъмун уни чорлабдир.
Фарғона бошига қўнибдир Ҳумо
Унга оқ йўл тиланг аҳли уламо!
Хуш борсун, кўрк бўлсун «Байтул ҳикмат»га
Энди навбат базму нозу неъматга.
(Базм.)

Ал-Фарғоний

Хайр, азизларим, дўсту ёроним,
Хайр, киндик қоним томган маконим.
Отам — қиблагоҳим, меҳрибон онам,
Эй она ватаним, гўзал Фарғонам.
Насиб этса юртга қайтарман алҳол,
Қайтмасам рози бўл, онажон, хуш қол.

ИККИНЧИ ҚИСМ

Бағдод, Байтул ҳикмат

Халифа Маъмун

Оллоҳ исми ила, Расули акрам
Зикри ила ибн Хорун ар-Рашид
Ибн ал-Маҳди, Ибн ал-Мансур
Аббосий халифа Маъмун сўзимиз.
Оллоҳ раҳмат қилғай қиблагоҳимиз
Тиклаган бу фунун кошонасига
Файзу зийнат бермак бизнинг муддао.
Биз уни атадик «Байтул Ҳикма» деб.
Ҳикмат уйидур бул, маърифат уйи.
Бунда дину имон, ирқ тафриқи йўқ,
Жам бўлгай Румою Арабу Ажам.
Ҳабаш ёнида Санад Яҳудий...
Халифа мулкимиз тоғдек хазина.
Лек минг хазинага бергисиз бойлик
Сизнинг илмингиздур, Сизга тасанно.
Анжуманни бошланг, муҳтарам устод,
Муҳаммад ал-Хоразмий.

Муҳаммад ал-Хоразмий

Ташаккур, шоҳим.
Ушбу анжуманнинг боиси ҳосиб
Аҳмад ал-Фарғоний тадқиқотидир.
Мунажжим Батлимус «Алмажест»ига
Уттиз китоб таҳлил битмиш, астурлоб
Илмин камолига етказмиш, яна
Собиту сайёра илми бобида
Кашфиётлар қилмиш улуғ, бебаҳо.
Букун янги китоб бўлибдир такдим
«Китоби фи усули илман-нужум».
Жаноб Ал-Жавҳарий, не сўз айтурсиз?

Ал-Жавҳарий

Рисола андоқким, мисоли йўкдир,
Аҳли олам ундан дарс олса арзир.

Ал-Хоразмий

Аҳмад ибн Абдулло Марвазий не дер?

Ал-Марвазий

Тасанно! Ҳаммамиз тасанно деймиз.

Венециялик олим

Тасанно айтажак аҳли Оврупо
Асрлар ўтиб ҳам Ал-Фарғонийга!

Халифа Маъмун

Аҳмаду Муҳаммад, ёнимга келинг,
Фарғона Хоразм сор лочинлари!
Сиз ҳам Ал-Жавҳарий ва Ал-Марвазий.
Сиздек буюкларга бешик бўлган юрт
Буюк Туркистонга минг бор тасанно!
(Базм.)

УЧИНЧИ ҚИСМ

Бугунги Фарғона

Ал-Фарғоний

Умрим илму фанга бахшида бўлди,
Тунлар шамдек ёндим, китоблар битдим
Саратон қуёши тиғида кунлар
Санжар саҳросида ер таноб этдим.
Бунёд бўлди неча расадхоналар
Шоҳ Маъмун ғайрати шижоати-ла,
Оғир кунларни ҳам кўрдим, бир замон
Менга таҳдид қилди жоҳил оломон.
Биргина гуноҳим, биргина айбим
Ой тутулишини олдиндан айтдим.
Сўзим рост чиқдию бало даф бўлди:
Яъни ой тузилди, Аҳмад қутулди.
Мезон бино этдим Нил дарёсига,
Миқёсул Нил бўлди оламга машҳур.
Ўкинчим, китобу-хатимга қараб
Жаҳон балки ўйлар миллатим араб.
Маърифат йўлида зардоблар ютдим,
Она Фарғонамни соғиниб ўтдим.
Асрлар кечдию озод юрт бу чоғ
Руҳимни шод этди, алҳамдулиллоҳ.
(Фарғонада тўй-тантана.)

Мирзо Улуғбек

Буюк соҳибқирон бобога авлод
Мирзо Улуғбекдан таъзим, эй устод!
Ёшликдан ёд олдим бор китобингиз,
Қўлимдан тушмади устурлобингиз.
Жаҳоний фан аро Сиздек буюк кам
Бугун тўйннгизда етти иқлимэсам.
Уламои олам ва, алалхусус,
Птоломей, шарқда номи Батлимус.

Птоломей

Мен келдим қадимий Юнондан бугун
Буюк Шогирдимни табриклаш учун.
«Алмагест» китобим оламга машҳур,
Ал-Фарғоний битган шарҳ менга манзур.
Нуқсон икки йил кам икки минг ёшим,
Фарғоний қошида эгурман бошим.

Региомонтан

Мен Региомонтан, олмон фарзанди
Беш юз йиллик йўлдан келиб турибман.
Эи буюк устозим Ал-Фараганус,
Ал-Фарғоннй, сизга шогирддан салом.
Китобингиз ўқиб жадваллар туздим
Самовий жадваллар.

Колумб

Мен Христофор Колумбман,
Амриқо сари сузганда
Ал-Фарғоннй илк бор тархини тузган
Самовий жадваллар қўлимда бўлган.
Илму фан бешиги Шарқ экан, билдим,
Бу азиз тупроққа таъзимлар қилдим.

Данте

Румо заминидан шоир Данте — мен,
Ёшим етти юзда. Ал-Фарғонийга
Мен ҳам мухлисдирман. Ал-Фарғоний
Исмини шеъримда достон қилганман.
Ул зоти шарифга олқишларим бор.
Шеърият бешиги Шарқ экан, билдим,
Бу азиз тупроққа таъзимлар қилдим.

Ал-Фарғоний

Эй олис келажак, эй ҳур авлодим,
Ҳаётим давоми, фозил зурёдим!
Кўнглим орзуси бул обод чаманда,
Жисмим Мисрдаю жоним ватанда.
Руҳимни шод этган сизга ташаккур,
« Бор бўлсин абадий озод тафаккур.
1998-2001

Qayd etilgan


Y_U_R_I_S_T  13 Mart 2010, 10:16:51

- ИСТАНБУЛ ФОЖИАСИ -

Тўлқинини, бўронини кўрмаган одам
Денгиз доим нотинч деб ўйлаши мумкин,
Инсон ҳам шу, фаросатда беозор, сокин,
Лекин юрак қатларида тўфон яширин.

ҚАТНАШУВЧИЛАР

Жалол — колхоз раиси, 64 ёшда.
Саодат — хотини, 60 ёшда.
Искандар — укаси, 60 ёшда.
Йўлбошловчи, полициячи, мухбир, сайёҳлар ва бошқалар.

Воқеа шу кунларда Истанбул шаҳрида бўлиб ўтади.


МУАЛЛИФДАН

Инсон қалбининг бойликлари ичида Ватан туйғуси деб аталган бебаҳо жавоҳир бор. У — юрагимизнинг қуввати, эътиқодимизнинг салимлиги, ҳаётимизнинг бутунлигидир. Уни ҳис қилмаган фарзанд, тараннум этмаган ижодкор йўқ.
Ватан — Навоий ва Машрабнинг изтироби, Бобур ва Фурқатнинг соғинчи...
Мен чет элларда сафарда бўлганимда турли сабабга кўра хорижда қолиб кетган ватандошларни кўрганман. Уларнинг кўзлари тубига чўккан дард юрагимда из қолдирган. Бу кўзлар баъзан тунлари хаёлимда гавдаланади, азоб беради ва азоб баробарида ўз қисматим учун шукроналик ҳиссини кўнглимга солади.
Ҳаётда қўйилган бир янглиш қадам баъзан умрлик қийноққа сабаб бўлади. Мен қаламга олган Искандарнинг қисмати шундай.
Ватан урушида халқимиз қўлга киритган ғалаба йигирма миллион жон ҳисобига келган. Искандар ҳам ўша қурбонлар қаторига киради. Лекин у энг бахтсиз қурбон — тирик қурбон.
Қаҳрамонларим ўз хатолари ва армонлари билан, ишончлари ва иштибоҳлари билан шу заминда яшаб турган одамлар... Ана шу сўзлар билан, азиз дўстларим, бу фожеий қисмат тарихини сизнинг ҳукмингизга ҳавола этмоқдаман.
Яқинлашаётган кучли пўртана товуши, кема зирҳига урилган тўлқиннинг қарсиллаши эшитилади. Чақмоқ, чақади, момақалдироқ гумбурлайди.
«Диққат! Диққат! Беруний сайёҳ кемаси радиоузелидан гапирамиз. Шимолдан келган ҳаво оқими Ўрта Ер денгизида шамолнинг кучайиши, чайқалишнинг ошишига сабаб бўлмоқда. Ҳурматли сайёҳлар! Кема палубасига чиқиш қатъиян ман этилади. Бўрон 9 балл, денгиз 8,5 балл».
Бўрон кучая боради. Тўлкинларнинг даҳшатли гумбурлаши чайқалишнинг зўрайганлигидан дарак беради. Ниҳоят шамол ва чайқалиш пасаяди.
«Диққат! «Беруний» сайёҳ кемаси Босфор бўғозида сузиб бормоқда. Бир неча дақиқадан сўнг кема Истанбул бандаргоҳига киради».

Биринчи манзара

Истанбул. Машҳур Капали чарши олдидаги майдон. Чап ва ўнг томонда тимлик расталар. Орқада шаҳар, мачитлар, миноралар, замонавий кўп қаватли уйлар. Узокда кўм-кўк Босфор кўрфази.
Кемалар. Улар ичида йирик бўлиб қизил байроқли «Беруний» кемаси ажралиб туради. Бозор олдидаги майдондан турли тоифадаги кишилар: турклар, инглизлар, японлар ўтиб турадилар. Аравачаларда юк тортиб бораётган хизматкорлар, улар ортида сигарета тутатиб келаётган бойваччалар. Газета сотаётган болаларнинг овозлари:
— «Газет! Газет! Газет! «Ҳуррият», «Гунойдин»...
Жаноб президент ҳазратларининг маърузалари, Жопуния Амриконинг чўкмас ҳарбий кемаси ўлур!»

Сигарета сотаётган одам:
«Сигарет, сигарет! «Мальбуро», «Мальбуро!»
Кепқолинг!»

Гадой
(Ўткинчига)

Садақа килинг, жаноб! Садақа қилинг, сэр!

Саҳнанинг асосий қисми қоронғулашади ва олд саҳнага йўлбошловчи турк аёл етагида бир гуруҳ ўзбек сайёҳлар кириб келадилар.

Йўлбошловчи

Мана, келдик. Шарқ бозори деган жой шу ер,
Жондан бошқа ҳамма нарса бунда муҳайё.
Дунё бозор деган гап бор, лекин аслида
Истанбулнинг Шарқ бозори ўзи бир дунё.
У дунёдек бепоёну дунёдек рангин,
Дунё каби савдоси ҳам, ғавғоси ҳам кўп.
У шундай бир салтанатки, бойлиги олам,
Султонлари қаторида гадоси ҳам кўп.
Бу томонда гилам раста, бу ён заргарлик,
Бу қаторда кетганича баззозлик — мато.
Бошдан-оёқ кезмок учун Шарқ бозорини
Бир кун эмас, бир ҳафта ҳам етмайди ҳатто.
Аммо бизнинг ихтиёрда икки соат бор,
Истаганча кўринг, харид қилинг, илтимос.

(Саодат оқсоқланиб тўдадан ажралиб чиқади ва чеккадаги скамейкага ўтиради. Унинг ёнига Жалол келади.)

Фақат (соатига қараб)
Икки соатдан сўнг, яъни олтида
Автобусда учрашамиз, кечикманг, холос.

(Сайёҳлар еовур-еувур билан тарқала бошлайдилар.)

Сумкали сайёҳ

Қулмуҳаммад ака! Нима харид қиласиз?
Янгамизга тилла сирға олинг!

Мухбир

Э, укам,
Бунда пулга тилла тугул, жез ололмайсиз.

(Фотоаппаратини чиқариб, ҳаммаёқни суратга ола бошлайди.)

Термосли сайёҳ
(Сумкали сайёҳга)

Жияним шим олиб келинг, деган.
(Креозга қараб)
«Леу страус»,
Танлашворинг, биродар!

Аёл сайёҳ
(Термосли сайёҳга)

Э, кимга айтяпсиз!
Эркак киши шим танлашни билар эканми,
Юринг, сизга ўзим танлаб бераман.
(Кетишади.)

Саодат

Вой, вой —
Оёққинам тамом бўлди.
(Туфлисини ечади.)

Жалол

Сенга айтдим-а,
Узоқ йўлга баланд пошна туфли кийма, деб!
«Улар», — дединг, — «Ангилистон, Фарангистонга
Шиппак кийиб бораманми, у юртдагилар
Нима дейди», деб гапимга қулоқ солмадинг.
(Саодатнинг оёғини кўриб)
Бай-бай... Шўрлик... Товонинг гўшт бўлиб қолибди.

(Сумкадан йод, пахта олиб хотинининг оёғини муолажа қилди).

Саодат

Қариганда сайёҳатга чиқмай мен ўлай,
Уйгинамда жужуқларни бағримга босиб,
Телевизор кўриб ётсам бўлмасмиди-я!

Жалол

Бундай сафар ҳаммага ҳам васиб бўлмайди —
Шунча юртни кўрдик. Кўп ҳам ношукур бўлманг.
Даниядан йўлга чиқиб, яримдунёни
Кезиб, мана, Туркияга келдик. (Шоирона)
Париваш —
Нозаниним, сарвқоматим, оёғингизга
Бутун бошли Европани пойандоз қилдик.
Ушалмаган яна қандай орзулари бор?

Саодат

Биттагина орзум — эсон-омон уйимга
Етиб олсам бўлди. Энди икки дунёда
Саёҳатни орзу қилмай. Бўларим бўлди.
Ҳаммасидан чайқалиши ёмон бўларкан.
Ҳар гал тўлқин қарсиллатиб келиб урганда
«Энди ўлдим» дейман. Бай-бай, кема жонивор
Арғимчоқдай учади-я!

Жалол

Ёшлик пайтингда
Ҳайинчакка тўймай қолган бўлсанг мабодо,
Маза қилиб учиб олдинг.

Саодат

Ичак-чавоғим
Нақ тескари бўлиб кетди. Вой, бошгинам-ей!

Сумкали сайёҳ
(Ҳовлиқиб киради)

И-е, сизлар нима қилиб ўлтирибсизлар,
Ахир бозор қизигандан қизиб ётибди.
Жондан бошқа ҳамма нарса бор экан, янга,
Сизга нима керак, юринг!

Жалол

Бизга жон керак.

Саодат
(Жалолга)

Камолжоним, японский магнитафон деб
Кўп ялинган эди, боринг, олинг, дадаси.
Мен шу ерда ўлтираман.

Сумкали сайёҳ
(Бош бармоғини кўрсатиб)

Бундоқлари бор.
Юринг, ўзим кўрсатаман.

Жалол

Овора бўлманг,
Бир камимшу узоқ юртдан... Э, келинг қўйинг.

Сумкали сайёҳ

Билганингиз...
(Чиқади. Сукут.)

Жалол

Хотин, нега жим бўлиб қолдинг?

Саодат

Дадаси...

Жалол

Ҳа.

Саодат

Эрталабдан бери кўнглимда
Бир хиралик бор.

Жалол

Соғинчдан, дармонсизликдан...

Саодат

Ундан эмас. Ҳали сизга айтай дедим-у,
Юрагингиз ғаш бўлмасин деб индамадим.

Жалол

Хўш, нима гап?

Саодат

Нонуштадан кейин анови
Аё Сўфия масжидига бордик...

Жалол

Хўш?

Саодат

Шунда

Бир турк бизга жуда узоқ тикилиб қолди.

Жалол

Нима бўпти?

Саодат

Мен чўчидим, афти бир хунук...
Башараси тўла чандиқ, қора плашда.
Ҳасса тутган. Сиз унга ҳеч қарамадингиз.
У кўзини олгани йўқ.

Жалол

Қараса нима?
Бир анқовдир.
Биз уларга, улар бизларга
Анқаямиз. Қўш томоша...

Саодат

Томоша бўлса
Гўрга эди. Эрталабдан бери кетмайди.
Музейда ҳам, султонларнинг саройида ҳам
У эргашиб юрди. Бир пайт яқин келганда
Қарадиму юрагим бир шувиллаб кетди.
У кўзини олиб қочди...

Жалол

Ваҳима қилма,
Ҳар нарсадан чўчиб вос-вос бўлиб қолибсан.

Сумкали сайёҳ
(Яна пайдо бўлади.)

Чармкамзул олдим. Қалай, ярашибдими?

Саодат

Ярашибди. Бинойидек.

Жалол
(Ўзича)

Тўқимдаккина.
(Сумкали сайёҳга)
Омадингиз келибди-да.

Сумкали сайёҳ

Келганда қандоқ!
Биз томонда бунақаси бўлмайди.

Жалол
(Кесатиб)

Яшанг!

Сумкали сайёҳ
(Соатига қараб)

Бир соатдан кўпроқ вақт бор.
(Бозорга кириб кетади.)

Жалол

Эҳ, ёшлар! Ёшлар!
Матоҳ деса ўзларини томдан ташлайди.
На андиша, на ғурур, на истиҳола бор,
Ановининг икки кўзи магазинларда,
Бирор нарса ярқ этса бас шўнғиб кетади
Кўрсичқонга кўзи тушган қирғийга ўхшаб.
Дакки берсам, «Мен бу ерга Наполеоннинг
Мозорини кўраман, деб келган эмасман»,
Деб айтади, уяти йўқ.

Саодат

Нима қилсин — ёш,
Кийингиси келади-да... Ёшлигингизда
Ўзингиз ҳам жуда башанг кийинардингиз.
Оқ китель-шим, оқ кепка, оқ брезент туфли...

Жалол

Туфлини биз тиш порошок билан оқлардик.

Саодат

Не бўлса ҳамдуруст эди ўша кийимлар.

Жалол

Ҳам арзонроқ эди. Топиш қийинмас эди.

Саодат

Жувонлар ҳам ҳозиргидек кийинмас эди.
Узун кўйлак, узун лозим, енг бу ергача.
(Бармоқ учини кўрсатади.)

Жалол

Дуррачани айтмайсанми? Узоқдан кўриб
Юрагимиз дукулларди.

Саодат

Ҳо...

Жалол

Ҳаммагамас.
Сен бошқача эдинг. Гўзал, кўзларинг жоду.
Мен қишлокда икки йилча бўлмадим, холос,
Икки йилда копток ўйнаб юрган қизалоқ —
Офатижон, сарвиқомат бўлиб қолибсан.

Саодат

Фарғонадан сиз ҳам бошқа бўлиб келгансиз...
Дадаси... Ҳой дадаси...

Жалол

Ҳа!

Саодат
(Кўли билан кўрсатиб)
Ана, келяпти.
(Чўчиб тисарилади.)
Ўша одам! Қўрқяпман, кета қолайлик.

Жалол

Қани? Нега чўчийсан-а?

Саодат

Ана, ана у!
(Қора шарпа дарахт панасида тўхтайди.)

Жалол
(Шарпага)

Ҳой сен кимсан?
(Шарпа жим.)
Гадомисан, қаландармисан?
(Шарпа жим.)
Берироқ кел, ҳой!

Саодат

Чақирманг, кетсин даф бўлсин.

Жалол

Дил билиюрмисан, гардаш?
(Шарпа жим.)
Демак, туркмассан,
Арабмисан ё ҳинду, ё эрониймисан?

Нотаниш одам
(Сукутдан сўнг. Панада турганча)

Ҳамма миллат номин айтдинг. Аммо не учун
Ўзбекмисан, деб сўрашга тилинг бормади?
Мен ўзбекман!

Жалол

Ё ажабо!

Саодат

Тавба, ё тавба!

Нотаниш одам

Нега ҳайрон бўласизлар? Ё чет элларда
Ўзбекларнинг борлигини билмасмидингиз?
Чўчимангиз. Мен хоин ё жосус эмасман.
Мен бир хазон япроғиман. Тақдир шамоли
Ўз боғимдан йироқларга учириб кетган.
Неча йилки, ҳаётимдек хазон фаслида
Бандаргоҳга келиб бунда кема кутаман.

Жалол

Шўр пешона экансан-ку. Гапинг рост бўлса,
Панадан чиқ.

Саодат
(чўчиб)

Йўқ, дадаси, қўйинг, чақирманг.
Турқи совуқ кўринади. Жуда қўрқаман,
Кимбилади бу инсон ким, муроди нима?
Юринг, кетдик, жон дадаси, сафаримизнинг
Охирида кўргиликка учраб қолмайлик.
Бегона юрт...

Жалол
(Саодатга)

Жимтур...
Нотаниш одам
Тезроқ кетай... мабодо
Она юртдан бир кафт тупроқ келтирмадингми?

Жалол

Тупроқ йўғ-у, у тупрокда битган майиз бор.
(Сумкадан бир халтача олиб узатади.)
Берироқ кел, ол, ҳайиқма, нотаниш одам.

Нотаниш одам

Яқин борсам сизларга гап тегмайдими?

Жалол

Берироқ кел.

Нотаниш одам
(Панадан чиқиб яқин келади. У плашда, юзи чандиқ. Қўлида ҳасса. Сочлари оппоқ. Жалолнинг қўлидан халтачани олиб очади, бир дона майизни оезига солиб узоқ тамшанади.)

Шукр, юртим нафасини туйгандек бўлдим.
Қуллуқ, юртдош, минг ташаккур, тақдир ҳамиша
Насибангни бутун қилсин!

Жалол

Ўзингни танит,
Кимсан, қачон бу ёқларга келиб қолгансан?
(Шарпа жим.)
Гапирсанг-чи! Қаерликсан? Ўзбекистонда
Бирор киминг борми? Айтсанг, балки танирман.

Нотаниш одам

Ҳеч қаерда ҳеч кимим йўқ. Қисмат даштида
Бир шўракман — юмалоқ хас. Қуриган жисмим
Замонларнинг қуюнида мангу саргардон,
Ватани йўқ, элати йўқ бир бенавоман.
Бу дунёга қачон келдим — эсимда ҳам йўқ.
Бамисоли дунё борки, мен борман. Шунча —
Узоқ бўлди бу ғурбаткаш умрим. О, мендан
Ҳеч нарсани сўрама, қўй!

Жалол

Эй, жабрдийда,
Не балолик қисмат сени бу кунга солди?
Эл олдида юзинг шувит бўлса, уни айт.
Ҳақиқатда агар жосус, хоин бўлмасанг,
Ўзга неки гуноҳ бўлса, унинг авфи бор.
Мард бир ўлар, номард юз. Ҳа! Эгилган бошни
Қилич кесмас, деган гап бор. Қолган умрингни
Айрилиқнинг азобида ўтказма, юртдош.
Тортинма айт, юртга қайтмоқ ниятинг бўлса,
Мен қўлимдан келганича ёрдам берайин.

Нотаниш одам

Аммо менинг нажотимга на-да сен, ҳатто
Парвардигор қодир эмас.
(Сукут.)
Қирқ йил илгари
Мен ўлганман. Қарағайзор ўрмон ичида
Кўмилганман. Рўпарангда турган — арвоҳим.

Саодат

Бу не даҳшат! Туш кўряпман. Йўқ, бу ўнг эмас.
Қўрқинчли туш!

Жалол

Берироқ кел, нега қўрқасан?
Қаердадир кўргандекман...
(Сукут.)
Йўқ, эслолмадим...
Мабодо сен биз томонда — эски Қўштепа,
Янги номи Энгельс — унда бўлмаганмисан?

Нотаниш одам
(Чўчиб тушади, яқин келиб бир Жалолга, бир Саодатга тикилади, ҳаяжонга тушади.)
Бўлмаганман, йўқ. (Нари кетади.)

Жалол

Ўзингни яширма, токай —
Беркиниб кун кўрмоқ мумкин!

Нотаниш одам
(Ўзича)

Қандай тасодиф!
Замон, макон деб аталган поёнсизликда
Қитъалар ва йиллар оша бундоқ учрашув!
(Жалолга)
Қўй, сўрама. Суриштириб нима қиласан?
Фойдаси йўқ.

Жалол

Майли, юртдош, ўзинг биласан.
Бирор нафим тегармикин деб ўйлагандим,
Афтодаҳол кўринасан.

Саодат

Ёруғ дунёда
Қанча бахтсиз одамлар бор!..

Жалол
(Ёнидан пул чиқариб узатади)

Мана буни ол,
Бир кунингга яратарсан.
Нотаниш одам
Йўқ, керак эмас,
Камбағалман, лекин гадо бўлганимча йўқ.
(Мухбир кириб келади.)

Мухбир

Жалол ака, янга, қани бу ерга туринг,
Абадият учун битта кадр қиламиз.
(Фотоаппаратни тўерилайди. Нотаниш одам кетади. Мухбир бир-икки сувратга олади.)
Ана бўлди.
(Бош бармоғини кўрсатиб)
Мана бундоқ расм чиқади!
(Нотаниш одам кетган томонга қараб-қараб қўяди ва кетади.)

Жалол
(Атрофга қараб)

Хаҳ, қочириб юборди-я!

Саодат

Шўрлик беватан...
Қўйинг, майли, бир ҳисобда кетгани яхши.
Дард-ҳасрати қуриб кетсин, кўнглимни эзди.

Жалол

Ҳаётимда бир савоб иш қилай деб эдим.
Ватанидан жудо бўлган бечора экан.
Бир ёрдамимтегиб қолса, ёмон бўлмасди.

Саодат

Лекин ўзи истамаса нима қиласиз?

Жалол

Уни топиш керак.

Саодат

Қандай қилиб топасиз?

Жалол

Ана, ўзи келди.

Нотаниш одам
(Кириб келади.)

Яна келдим, ўзимни
Танитмоқчи эмас эдим. Лекин ўйласам,
Кейин армон бўлар экан. Майли, айтаман.
Лекин битта шартим: гап шу ерда қолади,
На бу жойда, на Ватанда бирор кимсага
Мен тўғримда сўзламайсиз.
(Сукут.)
Энди эшитинг.
Қўштепанинг гузарида бир тут бор эди,
Юз йиллик тут...

Жалол
(Саодатга)

Ҳа, айтдим-ку, уни кўрганман.

Нотаниш одам

Ўша тутдан сал пастроқда, эски ховлида
Уста Аҳмад яшар эди.

Жалол

У менинг отам.
Билармидинг?

Нотаниш одам

Ҳа. Урушнинг биринчи йили
Ҳалок бўлган эди.

Жалол

Тўғри. Айт, кимсан ўзинг?

Нотаниш одам

Сен ўшанда эндигина уйланган эдинг,
Жонон келин Саодатни
(Саодат чўчиб кетади.)
Бағрингга босиб
Ётганингда саҳар пайти қора хат келди.
(Жалол ва Саодат лол.)
Шунда ҳали ўн саккизга тўлиб тўлмаган
Не сабабдир уйдан кетиб қолган Искандар
Уканг келди... Остонада турганча йиғлаб
Онасига видо айтиб урушга кетди.
Шу бўйича қайтгани йўқ.

Жалол

Укам Искандар
Новгородда ҳалок бўлди.

Нотаниш одам

Афсус...

Жалол

Минг афсус,
У мард эди.

Нотаниш одам

Афсус шуки, у ўлмай қолди.

Жалол

Йўқ... Наҳотки...

Нотаниш одам

Мен бўламан ўша Искандар!
(Саодат қичқириб юборади.)

Жалол

Ёлғон! Ёлғон! Сен у эмас! Искандар ўлган!
Менинг укам Ватан учун жонини бериб,
Ер қаърида ётибди. Сен арвоҳни тинч қўй.

Нотаниш одам

Танимадинг, ё танишни истамадинг. Сен —
Қаҳрамоннинг акасисан, шуниси маъқул.
Қабиҳ чиндан кўра эзгу ёлғон яхшироқ.
Сен айтганча бўлсин, гапим ёлғон, афсона.
Ҳеч чўчима. Шаънингга доғ туширмайман. Йўқ!
Мен ўлганман. Ўлганимча қоламан. Аммо,
Бир ўтинчим — онам тирик борми — шуни айт.
Айт, яширма. Ўзимни фош қилмайман, ишон.
Фақат онам ўлган бўлса аза очаман,
Йиғлаб-йиғлаб юрагимни ёзаман, холос.
Агар тирик бўлса, сендан битта илтимос:
Жигарлик қил, уканг адо эта олмаган
Васиятни сен бажаргин.
(Қўйнидан тумор олади.)
Мана бу — тумор.
Мени жангга кузатаркан, онам бечора
Шуни тикиб берган эди. Айтган эдики:
«Сен кенжамсан, жангдан омон қайтасан. Ахир,
Мени гўрга қўядиган ўзингсан, болам!
Болам! Сенинг дийдорингни кўрмагунимча,
То қиёмат илҳақ бўлиб ётаман. Билки,
Бўйнингдаги тумор эмас, онанг юраги.
Тилагим ҳам васиятим шуки, сен қайтгач,
Қачон вақти қазо етиб дунёдан ўтсам,
Шу туморни ўзинг бошимостига қўйгин».
(Сукут.)
Онагинам, юрагинг-ку мени асради,
Мен сутингни оқлолмадим. Беомон қисмат
Болангни ўз Ватанидан бенасиб қилди.
(Жалолга)
Агар онам тирик бўлса, жигарим, энди,
Мана тумор, васиятни ўзинг адо эт.
(Саодат даворга суянганча, Жалол бошини ушлаб тебратганича лол.)
Демак... онамўлган. Мени кута-кута у
Илҳақлиқда адо бўлган. Кечир, онажон!
Кечир мени! Кечир мени! Мен одамманми?
Эгаси йўқ, санқиб юрган бир қари итман.
Бенавоман, бедавоман.
(Кетади.)

Жалол

Искандар! Тўхта!
(Искандарнинг орқасидан чиқади.)

Иккинчи манзара

Карвонсарой майхонаси. Саҳна ичкарисида икки, уч, тўрт кишили ясатиғлиқ столлар. Майхонанинг ўнг томонида саҳна. Лекин у бизга кўринмайди. Столларда бизга таниш сайёҳлар. Тўрт аёл бир стол атрофида. Саодат ҳам улар орасида. Ҳамманинг кўзи саҳна томонда. Музика янграб турибди. Раққоса ва чолғувчиларнинг сояси деворда аксланади. Саҳна олдида — уч кишилик стол атрофида Жалол ва Искандар. Саҳна орқаси қоронғулашиб, биз фақат Жалол ва Искандарни кўрамиз.

Жалол

Бу дунёда жудоликнинг турфа хили бор.
Биров ёрдан айрилади, биров диёрдан.
Йўқотишлар ичида энг мушкул, энг даҳшат —
Бу ўзликни йўқотмокдир. Эҳ, сен Искандар!
Сен ўзингни йўқотибсан. Қандай кўргилик!

Искандар

Гуноҳим шу — тирик қолдим. Минг пушаймонман.

Жалол

Айбинг тирик қолганингмас...

Искандар

Тирик ўлганим.

Жалол

Эл-юрт майли, қариндошу уруғлар, майли,
Онангни ҳеч хаёлингга'келтирмадингми?
(Искандар қайеу ичида бош тебратиб ўтиради.)
Сендан кейин уч ой ўтмай мен ҳам жўнадим,
Гроднода яраландим. Тузалиб чиқиб,
Эльбагача бордим. Умр бор экан — қайтдим.
Ўша кунни унутмайман — онам бечора
Тут тагида кир ювмоқда экан. Кўрдию: —
«Болам, болам!» деб елкамга осилганича
Йиғлайберди. Совун юқи қўллари билан
Юзларимни, бошларимни силаб йиғлади.
«Нега ўзинг қайтдинг, болам, укагинангни
Қаерларга ташлаб келдинг?» деб фарёд чекди.
Кейин билсам, сендан қорахат келган экан,
Хат ёнида командиринг Данилов ёзган
Мактуб ҳам бор экан: «Она! Фарзандинг билан
Ифтихор қил! — деб ёзибди — ўғлинг қаҳрамон!»
(Сукут.)
Йиллар ўтди. Олтмиш тўртнинг баҳори эди,
Москвада ветеранлар анжуманида
Бир полковник менга узоқ тикилиб қолди.
Биз танишдик. Қараки, у Данилов экан.
Мени сенга ўхшатибди. Қучоқлаб олди,
Новгородга бирга бордик. Қабрингни топдик.
«Қабринг» дедим, мени кечир — ўзга не дейин?

Қоронғулик чўкади. Ўрмондаги яланглик. Данилов ва Жалол лавҳа ёнида.

Данилов овози

Қирқ учинчи йил. Еттинчи сентябрь эди.
Бизнинг рота олов сели ичида қолиб,
Бу ерда ёв ҳужумини қайтарар эди.
Биз оз қолдик. Лекин ёвга таслим бўлмадик.
Искандаринг шунқор эди. У якка ўзи
Тўртта танкни ёндирдию бешинчисига
Қўлидаги граната билан ташланди.
Кўз олдимда танк ва инсон рўбарў келди.
Бамисоли эртакларда ёвуз махлуққа,
Қорадевга кўкрак тутиб тик ҳамла қилган
Паҳлавондек эди ўша дамда Искандар.
Лекин, афсус, эртакдаги каби бўлмади,
Ваҳший кучни енголмади мардлик, адолат...
Кўз олдимда танк дўстимни... даҳшат!
(Сукут.)
Эй, дўстим!
Энди менинг диёримда, қабринг устида
Қарағайлар алла айтиб тебранмоқдалар...

Қоронғулик. Сўнг яна Карвонсарой. Жалол ва йиғлаётган Искандар.

Жалол

Ўша ернинг тупроғидан бир кафт келтириб
Мен Жасорат майдонида қабр ясатдим.
У қабрда йил — ўн икки ой навбаҳорнинг
Чечаклари алвон-алвон бўлиб ётади.

Искандар

Бас, эзилган юрагимни қайтадан эзма.
Ёлғон шуҳрат шариф қилган исмимга лаънат.
Ўша жангда танк остида мажақланмасдан
Тасодифан тирик қолган жисмимга лаънат!
Кани эди, ҳақиқатдан мен ўлган бўлсам,
Қани, чиндан униб ётса қабримда гуллар,
Қани эди, ҳалок бўлган дўстларим каби
Мангу сукут оғушида роҳатда ётсам.
Одам насли азал абад ўлимдан қўрқар,
Нечун, нечун? Ахир ўлим олий масъудлик,
Бор вужуднинг, жону руҳнинг осудалиги,
Аммо бу бахт мендан доим юзини бурди.
Энди кимман? На ўлик, на тирик бир вужуд,
Кўзи очиқ, қадам ташлаб юрган қабрман.
(Сукут.)
Шундай қилиб ўша куни мен омон қолдим,
Чуқурликка қулабману ҳушдан кетибман.
Бир маҳал кўз очсам, икки баҳайбат немис
Автоматни тўғри қилиб қараб турибди.
Қисмат экан, асоратнинг аччиқ алами,
Чидаб бўлмас қийноқлари бошланди. Инсон —
Гулдан нозик инсон — вақти келса темирдан
Мустаҳкамроқ бўлар экан. Ўшанда билдим.
Изтиробдан одам ўлса мен ўлар эдим,
Ўша йиллар даҳшатини сўзламоқ учун
Йиллар керак...
(Қоронғуликда кўмир ташиётган асирларнинг сояси кўринади.)
Хуллас, бир кун яримкечада
Етти асир маслаҳатни бир жойга қўйиб,
Пойлоқчини гумдон қилдик. Ўрмонга қочдик.
Ўша дамдан вақт сезгиси йўқолди. Қанча
Югурганимни билмайман. Тасаввуримда
Эс-ҳушимдан жудо бўлиб то бугунгача
Югураман, югураман... Ҳеч тўхтамайман.
Кимдан қочиб бормоқдаман, қайга қочаман —
Менга сира аён эмас. Ҳаёт бамисли
Қоп-қоронғу ўрмон... Ҳатто тушларимда ҳам
Тўда-тўда итлар мени қувлайди...
(Сукут.)
Хуллас,
Кўзни очсам, бир кулбада ётибман... Оқсоч
Немис кампир бошим узра ўлтирар эди.
У ўрмондан беҳуш ҳолда топибди мени.
(Май ичади ва Жалолнинг қадаҳига қараб)
Ичмаяпсан?

Жалол

Жигар чатоқ.

Искандар

Сен ҳам қарибсан.
Намоз ўқийсанми?

Жалол
(Мийиғида кулиб қўяди ва бош тебратиб «йўқ» ишорасини қилади).

Сен-чи?

Искандар

Жон деб ўқирдим.
Лекин менда эътиқод йўқ. У дунёга ҳам,
Бу дунёга ҳам.

Жалол

Ишончсиз яшаш — кўргилик.
Ҳар юракка битта таянч нуқта зарурат.
Бусиз одам одам эмас — бўшлиқ бўлади.

Искандар

Менга қолса эътиқодсиз яшашдан кўра,
Чангалзорнинг ярим ваҳший қабиласидек
Илонгами, тўнғизгами сиғинган яхши...
Менинг хаста жонимга ҳам бир асо керак,
Аммо қани ўша имон? Ўша эътиқод?
Замон барча худоларни аршдан қулатди.
Савоб, гуноҳ барбод бўлди. У дунёдаги
Сўроқлардан қўрқадиган одамқолмади.
Мен саргардон ҳаётимда нимани кўрдим?
Ҳамма ерда имонсизлик, фаҳш ва қабоҳат!
Тубанлик бор — алҳазар йўқ. Биз нафас олган
Шу ҳавога тўлиб кетди ёлғон садолар.
Туман хиллик тўлқинларда тонгдан тонггача
Миямизни алдоқ билан тўлдирмоқдалар.
Фақат бир гап: биз яхшимиз, бошқалар ёмон.

Жалол

Шунинг учун одамзотга иккита қулоқ,
Битта ақл тарозуси бериб қўйилган.
Икки ёнга қулоқ солу бир мезон билан
Ўлчаб ўзинг хулоса қил. Ҳақиқатни топ.

Искандар

Ҳақиқат йўқ. Бўлган эмас. Дунёда фақат
Манфаат бор. Манфаат деб аталган «чўпон»
Одамзодни пода қилиб ҳайдаб юрибди.

Жалол

Ҳа, шубҳасиз, сен танлаган дунёда шундоқ.

Искандар

Мен танлаган дунё? Менда танлаш ҳуқуки
Борми эди? Саргашта жон учун дунё — бир.
Уммонлар бир, саҳролар бир, дарёлар ҳам бир,
Одамизод бошидаги савдолар ҳам бир.
Дунё икки бўлса сарҳад борми ўртада?

Жалол

Ҳа, сарҳад бор. У одамлар қалбидан ўтган,
Бас, ўзингни соддаликка солма, сену мен
Фақат икки одамэмас, икки оламмиз.

Искандар

Бир отаю бир онанинг икки фарзанди
Ўртасида, демак, энди тубсиз жарлик бор...
Қани, айт, мен қайси олам, қайси жамият,
Қайси ватан одамиман? Ажрим қилиб бер!
Мени ўзбек она туғиб, алла айтдию
Немис она олиб чикди ажал домидан.
Бир оламда кўз очдиму бошқа оламда
Умримўтди — энди қайси дунё номидан
Сўзламоғим керак? Менга тушунтириб қўй.
Сармоядорманми? Ўшал иккинчи онам
Укасига куёв бўлдим ва ундан мерос
Дюссельдорфнинг банкасида сармоя қолди.
Вақт бўлдики, ўн минг ақчам юз мингга борди,
Вақт бўлдики, бир дўконча тебратдим, холос.
Йўқсилманми? Энди мендан йўқсил одам йўқ,
Кўзим хира, дармонсизман, ташландиқ зотман,
Хотин бошқа эрга теккан, ўғил уйланган.
Бу ўрмонда қуёнлардек урчиб, кўпайиб,
Қуёнлардек танимаймиз бир-биримизни.
Мана, менинг таржимаи ҳолим, айт энди,
Қайси дунё рўйхатига қўшасан мени?

Жалол

Бу ҳолатни ажрим қилмоқ менинг ишиммас,
Юртга қайтсанг, тегишли жой ажрим қилади.
Фақатгина, маслаҳатим ҳеч бир нарсани
Беркитмай айт, — улар ҳаммасини билади.

Искандар

Қайси айбим учун сўроқ беришим керак?
Танк мажақлаб кетмагани учунми, ёки —
Аросатда омон қолган бошим учунми?
Мен фашистга аскар бўлиб жангга кирдимми?
Ўз юртимга ўқ отдимми? Туҳмат қилдимми?
Жигар бўлиб юрагимни сен тушунмасанг,
Мени ким ҳам тушунарди, шафқат қиларди?!

Жалол

Ёшликда ҳам сен ўлгудай жиззаки эдинг,
Қарибсан-у, бу одатдан халос бўлмабсан.
Сени ўлди деган эдик, майли, ўлмабсан —
Лекин айбим нима, десанг ҳайрат қиламан.
Қирқ йил юртга қадам қўймай беному нишон
Юрганингни ўзинг гуноҳ санамайсанми?

Искандар

Ўйлайсанки, мен юртимни соғинмаганман!
Умрим бўйи йўл изладим. Наҳот билмайсан,
Асир зоти хоинга тенг саналган ахир!
Ёв ўқидан қўрқмаганман. Лекин ўз элинг,
Сен жон фидо қилган элинг хоин санаса,
Итдек отиб ташласа-чи? Алам қилмасми?

Жалол

Авфи умум чиққан эди.

Искандар

Кейин кеч бўлди,
Минг бир сабаб. Қайбирини сенга айтаман.

Жалол

Қўй, гапирма. Шунча йил-а! Виждонинг қани?

Искандар

Виждон... виждон... ўша виждон борми ўзингда!
Баъзан мени ўйлаганда қийналмайсанми?
Қабримдаги совуқ тошга қўлинг теккан пайт
Бармоқларинг куймайдими? Ёки кўзингдан
Ёшинг оқса яноқларинг ловулламасми?
Кўриб туриб сен бахтимни тортиб олдинг-а!
Кўзларингни олиб қочма, менга тик қара.
Агар сенда виждон бўлса, бундоқ қилмасдинг.
Индамайсан. Йўқ, ёдгорлик қўймадинг менга,
Гуноҳингни кўмиб, мармартош бостиргансан!
Мени кўриш сенга қанчалар оғир!

Жалол

Менга нима даъвойинг бор?

Искандар

Ҳа, билмайсан-а!
Қоражарнинг ёқасида — пасқамлик жойда
Ака-ука нима учун муштлашган эдик?
Ўн еттида эдим, сен-чи, йигирма бирда.
Мени роса дўппосладинг, ўшанда уйга
Энгил-бошим қоп-қора қон бўлиб қайтдим-у,
Онамга чурқ этганим йўқ.

Жалол

Шунча йил ўтиб
Ҳали эслаб юрибсанми? У гапларни қўй.

Искандар

Урганингни унутардим, лекин қалбимга
Ханжар санчдинг сен — жигарим, қандоқ унутай?
Мен-ку уни жонимдан ҳам яхши кўрардим,
Билиб туриб Саодатни йўлдан урдинг-а!

Жалол

Бундай сўзни тилга олма. Саодат менга
Ҳаммасини айтган. Сени у севган эмас.

Искандар

Ёлғонни қўй. У нур каби покиза эди,
Мени яхши кўрар эди, учрашар эдик.
Бизлар худди қўш кабутар эдик, сен иблис
Қирғий бўлиб чангал солдинг. Ғунчани уздинг.

Жалол

Бас, Искандар! Эсдан чиқар гўдак хаёлни,
Бизлар севиб турмуш қурдик.

Искандар

Бу гап ҳам ёлғон,
Сен чиранчоқ, манман эдинг. Энг гўзал қизни
Қўлга олиб дўстларингга мақтаниб юрдинг.
Билардингки, мен ишқида девона эдим,
Шеърлар ёзиб юрар эдим. Кўрганда титраб,
Вужудимда сирли оташ гуриллар эди.
Мажнунлигим аён эди бутун қишлоққа.
Севмагансан! Саодат ҳам севмаган сени,
Ҳеч севиши мумкин эмас. Сен — зўравонсан.
У меники эди — ахир.

Жалол

Сен бола эдинг.
Ўғил бола ўн еттида бола бўлади,
Қизни эса, эрга берсанг она бўлади.
У муносиб эмас эди сенга, гапирма.

Искандар

Боламидим? Кўнгиллилар сафига туриб
Жангга кетган, қаҳрамонлик қилган Искандар —
Боламиди? Унинг шону шуҳрати билан
Сен кекириб юрибсан-ку!

Жалол

Бас қил!

Искандар

Қулоқ сол!
Сен билмайсан, мен ўшанда жангга кетаркан,
Юрагимга алам ўша ўтин солиб кетганман.
Ўша ўтни тиғ учида олиб ўтганман.
Шу ўт билан тикка бордим найзабозликка,
Ёнаётган биноларга ўзимни урдим.
Қаҳрамонлик қидирмадим, ўлим қидирдим.
Лекин афсус... Ажал деган ит экан асли,
Қочсанг қувар экан, қувсанг қочавераркан.
(Сукут.)
Сен уйланган кун ёдимдан сира чиқмайди,
Меҳмонларни кутиб олдимширин сўз билан,
Кулиб юриб чой ташидим. Лекин юрагим
Ҳўнграб, ҳўнграб йиғлар эди. О, билармисан,
Тўйинг менга аза бўлди, ёр-ёр — марсия.
Ўша куни биринчи бор ичдим, маст бўлиб
Рақсга тушдим. Ҳамма яйраб қарсак чаларди.
Мен бамисли қуш қанотин ёзиб ҳавода
Чарх ургандек алпон-талпон айланар эдим.
Сўнг панада пешонамни деворга уриб
Овозимни чиқармасдан дод деб йиғладим...
Ўша кеча қишлокдан бош олиб кетганман.

Жалол

Тақдир экан, нима қилай, менда гуноҳ йўқ.
(Термосли сайёҳ яқин келади.)

Термосли сайёҳ

Жалол ака! Чой домладим — қулинг ўргилсин,
«Тўқсон беш» дан, бир пиёла ичинг, илиндим.
(Келиб бўш стулга ўтиради ва термоснинг қопқоғига чой қуяди.)
Томоша хўб қизияпти. Четда қолибсиз?
Суҳбат чортанг кўринади...
(Искандарга ишора қилиб)
Таништиринг. Кема катта, саёҳатчи кўп,
Танишмадик.
(Искандарга)
Менинг исмим Калхўжаилёс.
(Сочига ишора қилади.)
Чайқалишда, қалай, кўнгил айнимадими?
Лекин ёмон бўлди... Менга нашъа қилгани —
Ҳамма ўқчиб, кўнгли айниб чўзилиб қолган,
Диктор бўлса радиодан:
(Диктор қизнинг овозига тақлид қилади.)
«Кечки овқатга!
Иштаҳангиз карнай бўлсин! Марҳамат қилинг!»
(Искандарга чой узатади.)

Жалол
(Термосли сайёҳга)

Хўжаилёс, чойхўрликни кейин қиламиз.
Бизни озроқ холи қўйинг, сиздан илтимос.

Термосли сайёҳ

Хўп, хўп! Гапнинг қоқ белига тепибмиз-да, а?
(Жалолга чой узатиб)
Лекин, ака, икки ҳўплам...
(Жалол қўли билан рад қилади.)
Майли, бўлмаса.
(Чойни қайтариб термосга қуяди, қопқогини ёпади. Жалолга яқин келиб, шивирлаб)
Янгисидан бор... Бир куни бир гўзал аёл
Қора денгиз соҳилида ётган экан...

Жалол
(Оҳиста, лекин қатъий)

Бас,
Бора қолинг.

Термосли сайёҳ

Бўлди, бўлди. Бора қоламиз.
(Искандарга синчиклаб қараганча узоқлашади.)

Жалол
(Искандарга)

Қирқ йил ўтди, у гапларни унут, қаридик,
Беш фарзанддан ўн иккита набирамиз бор.
Замон бошқа ва замоннинг дардлари бошқа.
Дунё қалқиб турган бир пайт — аҳли оламнинг
Буюк дарди қаршисида сенинг гапларинг
Жуда майда кўринади, жуда бачкана.

Искандар
(Заҳарханда билан)

Сафсатага аммо ғоят уста бўлибсан,
Жаҳон дарди... Оламшумул гаплар... Замона...
Қалқиб турган замин дарди каттакон дарду
Битта қалбнинг азоблари, демакки, майда,
Жуда гўзал, тантанавор, сохта фалсафа.

Жалол

Афсус, афсус. Юрагингда тўла кин экан,
Бизни кўриб суюнарсан деб ўйлагандим.
Наҳот сенда заррача ҳам меҳр қолмаган?
Наҳот шунча йил сўнгида бошқа гапинг йўқ?

Искандар

Тасаввур қил — бармоғингга зирапча кирса
Оғриғига қирқ кун чидаб юрарми эдинг?
Қирқ йил менинг юрагимда зирапча ётди.
Сенга уни айтмай аввал нимани айтай?
У дунёю бу дунё, бил, қўлим ёқангда.

Жалол

У дунёда кўрганимда майлига эди.
Жигаримни топдим-ку деб хурсанд бўлибман.
Менинг укам ўлган экан.

Искандар

Ўзинг ўлдирдинг!
Кўзларингни катта очиб қара — қўлинг қон!
Мени ватангадо қилдинг.

Жалол

Ватан сўзини
Тилга олма. Сен ватанга бегона одам.
Айб ўзингда. Бу гапларинг бари баҳона.

Искандар

Тани бошқа дард билмайди. Мабодо агар
Бошимга бу кунлар тушиб юртдан кетмасам
Мен ўзимни Қоражарга ташлаб ўлардим.
Қандай чидай, севган ёрим, тунлар тушимда
Оғушимда бўлган ёрим қайлиқ бўлибмас,
Остонамдан келинойим бўлиб кирди-я!
Айт, мен яна ўша уйда яйраб юрайми?
Қайтмадинг деб таъна қилма, хонадонингга
Ўт қўймадим, шунга суюн.

Жалол

Ўт қўярмидинг?
Ўз туғилган уйингга-я! Қандай разолат!
Нега сени кўрдим! Сени топгандан кўра
Ватан учун қурбон бўлган укамга йиғлаб
Пок руҳини ёдлаб ўтсам бўлмасми эди.
Бу ерларга нега келдим? — укам қон тўккан
Азиз ерни кўзга суртсам бўлмасми эди.
Қаҳрамон деб сенга ёдгор тиклаб эдим-а!

Искандар

Тиригимни хорлаб, уриб қилдинг-у абгор,
Ўлигимни эъзозладинг. Ташаккур минг бор.
Сен буларнинг барчасини укангга меҳринг,
Пок руҳига ҳурматингдан қилган эмассан.
Сенда меҳр борми, юксак хаёллар борми?
Йўқ, дилингда фақатгина ҳисоб-китоб бор.
Ёдгорликни менга эмас, сен ўзинг учун,
Ўз обрўйинг, ўз мартабанг учун тикладинг.
Ўша мармар Искандарга хотира эмас,
Сенинг ёлғон шуҳратингга пойдевор бўлди.
Айт, кўзимга қараб туриб, тўғрисини айт:
Менинг юртга қайтишимни истармидинг? Йўқ!
Чунки қайтсам пойдеворинг қулаб тушади.

Жалол

Тилингни тий. Мени таҳқир қилмоққа ҳатто
Бошда туғи борларнинг ҳам ҳақ-ҳуқуқи йўқ.
Мен обрўни сенинг қабринг устидан эмас,
Ўз меҳнатим эвазига топганман.

Искандар

Бекор!
Сен меҳнатга эмас, гапга жуда устасан.
Ёшлигингда енгил яшаб, енгил юргансан.

Жалол

Эй, нодон, қирқ йил ичида бир одам эмас,
Олам ахир бошқа бўлди.

Искандар

Сен эса — ўша!
Баландпарвоз гапларинг ҳам, ғўдайишинг ҳам.
Шафқатинг йўқ! Мендан бир гап яширмоқдасан,
Икки марта савол бердим — жавобинг мужмал,
Онам борми, тирикми ё ўлганми? Рост айт,
Қўрқма, тирик бўлса, юртга чопиб кетмайман,
Сен у юксак аршингда бўл, забун этмайман.
Биласан-ку, ул дарбоза менга берк, фақат —
Айт, эзилиб адо бўлди юрагим.
(Сукут. Искандар май ичади.)

Жалол

Тирик.
Бу йил саксон бешга борди. Сенинг доғингда
Соя бўлиб қолди онанг. То шу кунгача
Ўлганингга ишонмайди. Ҳар кун бечора
Қабристонга бориб сенинг номинг ўйилган
Мармар тошга дардларини айтиб келади.

Искандар

Онагинам, онагинам!
(Пешонасига уради.)
Эй шўр пешона,
Мендан бахтсиз бу дунёда бир зот бормикин?
Сени унда илҳақ қилиб бунда мен илҳақ.
Гуноҳкорман, кечир, онам, номардлик қилдим
(Йиғлайди.)
Онажоним, мени сендан жудо қилдилар.
Ўртамизда буюк жарлик пайдо қилдилар.
Ватанимга сузсам — бир кун, учсам — бир соат,
Лекин ўша жарликдан мен ўта олмасман.
Бу дунёда даргоҳингга ета олмасман,
У дунёга умид боғлаб қиларман тоқат.
Мени сендан ким айирди?
(Жалолга)
Сен эмасми у?
Сен-ку мени ўз уйимдан бегона қилган.
Уканг севган қизни хотин қилиб яшашга
Ҳеч бўлмаса элу юртдан уялмадингми?
Халқ кўзига қандай қараб юрибсан? Уят!
Уят! Сендек ака билан бир уйда эмас,
Бир заминда яшамоқдан номус қиламан.
Нега бундай қилдинг? Нега? Жавоб бер, ҳозир!
(Қадаҳни уриб синдиради.)
Нега менинг юрагимни суғуриб олдинг?

Жалол

Ўзингни бос, маст бўлдингми? Нима гап ўзи?
Кўрган одам нима дейди? Эс-ҳушингни йиғ.

Искандар
(Аччиқ йиғлайди.)

Мен бургага аччиқ қилиб кўрпа куйдирдим,
Пушаймонман, энди наф йўқ. Қайга бош урай?
Кимдан нажот кутай?
(Кайф ичида ўзини тамом йўқотади.)
Энди ўзинг нажот бер!
(Тиз чўкиб ёлборади.)
Мени кечир, таъналарим бари аламдан,
Ўз юртимга кайтаман, бас, мени олиб кет.

Жалол

Тур ўрнингдан, одамларга тамоша бўлма.

Искандар

Кемада бир жой топилар, ўрин бўлмаса
Ит сингари бир бурчакда ётиб кетаман.
Бу ерларга ташлаб қўйма мени, жигарим.

Жалол

Кайфинг ошди, бас, уйга бор, эртага тонгда
Меҳмонхонага кел. Фақат ҳушёр кел, хайр.

Искандар
(Унинг сўзларини эшитмайди, гапида давом этади. Жалол чиқиб кетади.)

Ватан, мени тупроғингдан бенасиб этма,
Заррин хатли сағаналар менга керакмас,
Оқ мармардан поғоналар менга керакмас,
Менга фақат бир қулоч ер берсанг, кифоя.
(Саодат киради.)

Саодат

Жалол ака, автобусга!
(Кўзи билан Жалолни излайди.)

Искандар
(Бирдан ҳушёр тортиб эгнини тузатиб ўрнидан туради.)

Менга не бўлди?
Жалол қани?.. Узр, узр...
(Кўз ёшларини артади.)
Мана, ҳушёрман.
Кел, Саодат, бир дам ўлтир.
(Стулни тўерилаб, жой кўрсатади.)
Кайфим ошибди.
Бош айланди, ўзимни сал йўқотиб қўйдим.

Саодат

Толиқибсан, уйингга бор. Биз ҳам кетамиз.
Вақт тугади.

Искандар

Шошма!

Саодат

Хуш қол.

Искандар

Бир нафас тўхта,
Балки қайта кўришмасмиз эсингда борми?..

Саодат

Бу гапни қўй. Биз ёш эдик. Балоғатга ҳам —
Етмагандик, у ишқ эмас, бир ҳавас эди.

Искандар

Ҳавас эди, дегин. Қани, ҳарбир севги ҳам
Ўша ҳавас каби тиниқ, беғубор бўлса...

Саодат

Тақдир экан. Менда айб йўқ. Шунча йил ўтиб
У савдони эсга олиш нимага керак?

Искандар

Бегонага тегиб кетсанг алам қилмасди,
Келиб-келиб ўз акамга... Менинг фожеам
Ибтидоси ўша бўлди. Уйдан бош олиб
Кетарканман, қайтмайман, деб қасам ичгандим.
Қасам урди. Ватанга зор бўлдим оқибат.
(Сукут.)
Севмагансан! Демак, бари сароб! Демакки,
Шунча йиллар юрагимда ардоқлаган ҳис
У ҳам ёлғон бу дунёнинг сохта жилваси.
Эй, худойим! Бор бўлсанг айт, мен нотавонни
Нега бунча шўрпешона қилиб яратдинг?
(Йиғлайди.)
Нега жимсан? Бир нима де! Гапир, Саодат!
Ёлбораман, мени алда, севардим, деб айт!
Барибир мен ғарибликда ўлиб кетаман,
Ахир сенинг ватанинг бор, уйинг, оиланг.
Менда эса хотирадан ўзга нима бор?
(Саодат ҳайрат ва қайеу ичида узоқлашиб боради, кўздан йўқолади.)
Ҳеч нарсани кўрмай қолдим, бу нечук ҳолат?
Қаердасан? Ташлаб кетма мени, Саодат!

Сўнгги кема

Учинчи манзара

Истанбул порти. Бир томонда лотинча ҳарф билан пештоқига «Денгиз йўллари» деб ёзилган баланд бино. Бир томонда «Беруний» кемаси. Бизга кеманинг бир қисми кўринади. Тўғрида кўм-кўк Босфор кўрфази. Кемалар. Мачталарда турли мамлакатларнинг турли рангдаги байроклари. Одамлар орасида бизга таниш сайёҳлар ҳам ҳар хил нарсалар кўтариб ўтадилар. Жалол билан Саодат киради.

Саодат
(Тўхтаб, бир чеккага ўтиради.)

Саёҳатга чиқмай ўлай. Вой оёғим-ей.
Хотинини ёмон кўрган эр урмай-сўкмай,
Баланд пошна туфли билан сафар қилдирсин.
(Туфлини ечади.)
Уйга қайтар кун бор экан, минг қатла шукур.

Жалол

Қара, денгиз қандай кўм-кўк, осойишта, жим.

Саодат

Тўлқинини, бўҳронини кўрмаган одам
Денгиз доим шунақа деб ўйлаши мумкин.

Жалол

Инсон ҳам шу. Фароғатда беозор, сокин,
Лекин юрак қатларида тўфон яширин.

Мухбир
(Шеър ўқиб кириб келади.)

Мен Босфорда бўлмаганман ҳеч,
Уни сўзлаб беролмам сенга,
Лекин мовий кўзларинг ҳар кеч
Денгиз бўлиб кўринар менга.
Гўзал Босфор!
(Фотоаппаратини чиқаради.)
Жалол ака, мангулик учун
Битта суврат. Бундоқ туринг. Ҳов анов кўприк
Осиёни Оврупога улаб турибди.
Кўприкни ҳам туширамиз. Гўзал чиқади.
 (Гап асносида Жалол ва Саодатни ҳар хил қилиб турғизади, манзара танлайди.)
Сафаримиз оламшумул бўлди-да, ака,
Газетага катта очерк тайёрлаб қўйдим.
Сарлавҳаси — «Бечораҳол гўзал Европа!»
Сизга айтсам, келажакни ўйламоқ керак!
Авлодларга сиздан, биздан нима қолади?
Фотосуврат! Бу кичкина масала эмас,
Бу — лаҳзанинг мангуликка қўл берган чоғи!
(Ниҳоят, танлаган манзараси ўзига маъқул бўлади.)
Шундай туринг!
(Фотоаппаратини тўерилаганда мўйловли полициячи келиб, «мумкин эмас», деган ишорани қилади.)

Полициячи

Но, но!

Мухбир

Пардон, пардон.
(Аппаратини ёпиб, бўйнига осади, полициячи нарига кетади.)
Қаранг-а,
Шундай гўзал манзарани ололмай қолдик,
Аттанг, аттанг!
(Чиқади. Сайёҳлар якка-якка ва тўп-тўп бўлиб кемага қараб борадилар.)

Жалол

Саёҳатнинг энг соз лаҳзаси
Уйга қайтиш бўлса керак. Қара, одамлар
Қандай хурсанд. Бир-бирига навбат бермасдан
Теплоходга чиқишяпти. Жўнашга ҳали —
Роппа-роса уч соат бор. Одамзод шу-да,
Бир сафарга ошиқади, бир ватанига.
(Сукут.)

Саодат

Биз-ку, бир ой ўтмай юртни шунча соғиндик.
Қирқ йилни бир ўйланг...

Жалол
(Ўйга чўмиб)

Оғир... Жуда ҳамоғир...
Ҳеч тасаввур қилолмайман.

Саодат

Қандай даҳшатли!
Иситмада алаҳлаган одамга ўхшаб
Туни билан қўрқиб чикдим. Бу кўрганимиз
Денгиздаги чайқалишдек бўлди.

Жалол

Чайқалиш —
Нима ўзи ! Тўфон бўлди! Мен шу бир кунда
Гўё бутун ҳаётимни қайта яшадим.
Дунё остин-устин бўлди.

Термосли сайёҳ
(Бошқа сайёҳлар билан гурунглашиб ўтиб бораркан)

Ҳов, Жалол ака!
Омонмисиз? Сафаримиз қариди, мана!

Жалол

Хурсандмисиз?
Термосли сайёҳ
Ҳа-да, хурсанд бўлганда қандоқ,
Дунёда ўз юртимиздек жононаси йўқ.
Лондон, Париж — шаҳарми? Бир чойхонаси йўқ.
(Кемага қараб юради.)
Каютага киринг, кўк чой қилиб бераман.
(Кетадилар.)

Саодат

Ўйлаб сира ўй тубига етолмаяпман.
Искандарнинг ҳамма гапи ростми? У чиндан
Юрт олдида гуноҳсизми?

Жалол

Мен ишонаман.

Саодат

Йўқса, нега ватанига қайтиб бормади?

Жалол
(Синовчан тикилиб)

Ўзинг айт-чи?..

Саодат

Наҳот бунга сизу мен сабаб?

Жалол

Ростини айт! Искандарда кўнглинг бормиди?

Саодат

Неча марта айтганман-ку, у маҳалда биз —
Бола эдик, болаларда ишқ нима қилсин!
Сизни кўргач қуёш чиқиб гўдак ҳаваслар
Тонгги туман каби зумда тарқалиб кетди.

Жалол

Ўша тонгги туман бошқа одам бошида
Кетмас булут, ўчмас соя бўлиб қолибди.

Саодат

У ҳали ғўр бола эди...

Жалол

Ўша ғўр бола
Қоражарда бир кун менга ташланиб қолди,
Ўшанда мен Искандарни роса ургандим,
Алқасос, у кеча мени қонга белади...
Бу сафар мен юрак қоним билан бўялдим.
Ёмон бўлдим, виждонимдан ёмон уялдим.

Саодат

Демакки, мен гуноҳкорман? Сизни жигардан
Жудо қилган мен эканман?

Жалол

Сенда гуноҳ йўқ,
Мен айбдорман.

Саодат

Рост гапиринг... пушаймонмисиз?

Жалол

Нега энди?

Саодат

Искандарни кўргандан буён
Бошқачасиз, авзоингиз ўзгарди-қолди.
(Йиғлайди.)
Нега сизни яхши кўрдим? Пешонам қурсин.
Мен дунёга келмай ўлай. Бу кўргиликка —
Сабабчиман. Пушаймонсиз, билиб турибман.
(Сукут.)
Сизда бундоқ ҳолат сира бўлмаган ахир,
Қийналяпсиз, буни сезиб мен қийналяпман,
Саёҳатдан ғавғо чиқиб қариган чоғда
Наҳот ширин турмушимиз заҳар бўлади?
Менга бундай қараш қилманг — ўрганмаганман.
Азоб чекиб яшасангиз... йўқ... бундан кўра
Мен сабабчи бўлсам, майли, мендан ажралинг.
Жигарингиз мендан кўра азизроқ.

Жалол

Бас қил.
Қийналяпман. Рост. Не қилай, жигаримэкан,
Юрагимнинг бир парчаси ёниб ётибди.
Лекин, хотин, сен ўртага тарозу қўйиб
Мен азизми, у азизми деб сўроқ қилма.
Сен қисматим, у азобим, шуни билсанг, бас.
Поклигингга асло-асло шубҳам бўлганмас.
Искандарни уруш қилди тирик хароба,
Харобаки, тиклаб бўлмас... уруш булмаса
Балки у ҳамўз бахтини топиб кетарди.
Асли уйдан кетганда у юрагида кек
Муштумдек қор эди гўё. Умр йўлида
Юмалата-юмалата тоғдек қилибди,
Тоғдек қилиб кек остида ўзи қолибди,
Энди унинг юртга қайтиб бериши қийин.

Саодат

Қайтишини хаёлга ҳам келтира кўрманг.
Шармандалик бўлади-я! Дабдаба билан
Аллақайси юртдан тупроқ олиб келгансиз.
Қанча мармар, олтин суви — ҳисоблайсизми?
Гап албатта пулда эмас...

Жалол

Бас қил, Саодат.
Мармартошни гапирасан, укам қайтганда
Яна шунча пул сарфлаб тўй қилар эдим.
У тош бунда
(Кўкрагига уради.)
Харсанг бўлиб чўкиб ётибди.

Саодат

Ўйлайсизми? Қаҳрамон деб юрган укангиз
Қочок чиқса, сиз ким деган одам бўласиз?

Жалол

Нега қочоқ?

Саодат

Умри юртдан қочиб ўтганни
Қочоқ демай нима дейди?

Жалол

Йўқ, у қочоқмас.
Қочоқларни мен кўрганман — урушдан қочиб
Йиллаб сомонхоналарда яшаганлар бор.
Билагига ўқ отганлар, ё бармоғини
Болта билан чопиб узиб ташлаганлар бор.
Мен урушда, душман танки босиб келганда
«Онажон» деб қочиб қолган зотларни кўрдим.
Ана улар қочоқ, қўрқоқ... Искандар эса...

Саодат

Хато қилманг, ўйлаб кўринг — сиз киму у ким.
Донғи кетган қаҳрамонсиз, Ўзбекистонда
Танимаган бир одамйўқ. Ўзингиз учун
Сиз Жалолсиз, лекин юртга — Жалол Аҳмедов!
Бу обрўни туширмоққа ҳеч ҳаққингиз йўқ.
Булар менинг сўзлариммас — ўз сўзларингиз.
Ахир доим такрорлайсиз — мен аввал халқни,
Кейин жигаргўшаларни ўйлайман, дейсиз.

Жалол
(Иккиланиб қолади.)

Искандар-чи?

Саодат
(Сўзи таъсир қилганидан қувватланиб, ҳужумни давом эттиради.)

Искандар ҳам худди шунақа.
У ҳам фақат эл фарзанди. У ҳам қаҳрамон.
Ватан учун қурбон бўлган табаррук инсон.
Қишлоқ унинг номи билан «Искандаробод,
Мактаб унинг номи билан — Аҳмедов, ахир.
Қолаверса, набирангиз — бу йил мактабга —
Ўша номи машҳур мактаб остонасига
Қадамқўйган набирангиз номи Искандар.
Сиз бир жигаргўшангизни гўрдан чиқариб,
Бошқаларни гўрга тиқиб қўймоқчимисиз?

Жалол
(Уф тортади, хаёлга чўмиб қолади.)

Энди нима қилиш керак?

Саодат

Нима қилардик?
Искандарни учратмадик, кўрмадик, тамом.

Жалол

Йўқ, бу энди мумкин эмас. Уни кўрдик-ку?
Болаларнинг тақдирини ўйламайсизми?
Бир ўғлингиз Ижроқўмда муовин, бири —
Эрта бир кун фан доктори бўлиб турибди.

Жалол

Ана энди ўз гапингни айтдинг, Саодат,
«Эл-юрт» дейсан, «қишлоқ шону шуҳрати» дейсан.
Асли сенда ўз оиланг ҳам бола-чақанг
Фойдасидан ўзга мақсад йўқ, бўлмаган ҳам.

Саодат

Бу оила сизники. Ё бегонамисиз?
Мен не десамаввал бошда сизни ўйлайман.
Бу обрўни сиз томчилаб йиққансиз ахир,
Энди уни пақир билан тўкмокчимисиз?

Жалол

Мен бу кеча бир лаҳза ҳам ухлаганим йўқ,
Искандарнинг узоқ йиллар чеккан дардини
Бир кечада юрагимдан кечирдим бугун.
Бу ерда мен ўлиб кетган укам биланмас,
Ўлиб кетган виждон билан учрашиб қолдим.
Сен билмайсан, анча-мунча гуноҳларим бор.

Саодат

Яна қандай гуноҳ?

Жалол

Эшит, айтиб бераман:
(Сукут)
Бу воқеа ўн етти йил илгари бўлган.
Эндигина раис бўлиб сайланган эдим.
Эрта баҳор бир кун обком вакили келиб
Бир пиёла чой устида гап очиб қолди:
«Биз маслаҳат қилдик, — деди, — областимизда
Сизнинг колхоз машъал бўлиб туриши керак.
Қурултойга сиз борасиз. Нутқ гапирасиз».
«Нега, — дедим — қўшни колхоз ҳамма жиҳатдан
Олдинда-ку...» «Йўқ, — деди у, — ҳамма жиҳатни
Ўйламоқни бизга қўйинг. Сиз муносибсиз.
Қаҳрамоннинг акасисиз. Табиат сизга —
Кўп хислатлар бериб қўйгани
Кўрсаткич бўлса...
Кўрсаткични тўғрилайсиз... Ёрдам берамиз».
Бўшлик қилдим. Кўндим. Шундан бошланиб кетди...

Саодат
(Қўрқиб атрофга қарайди.)

Тсс... гапирманг. Шўрим қурсин. Сизга не бўлди?
Биласизми қаердасиз?

Жалол

Яхши биламан
Сен ҳам шуни билиб қўй. Биз ёт билмасин деб
Айбимизни ёпа-ёпа кўп ютқизганмиз.
Мен аҳд қилдим — юртга қайтгач биринчи ишим —
Марказкомга бориб ҳамма гапни айтаман.
Бу унвону нишонларим, шону шуҳратим
Бари сохта деб айтаман. Не бўлса бўлсин.
Ўн етти йил ич-этимни кемириб ётган
Изтиробдан кутуламан.

Саодат

Бекор айтибсиз.
Эсингизни йиғиб олинг. Шунча обрўга
Шунча ҳурмат-эътиборга шукр қилмасдан...
Бу — тузлиққа тупуриш! Э, қўйинг, гапирманг!
(Мухбир пайдо бўлади ва жим эшитади.)

Жалол

Мен тузлуққа ўша вақтда тупурган эдим,
Энди уни тоза қилиб кетишим керак.

Саодат

Оғир бўлинг, ҳар қандай рост дегулик эмас.

Мухбир

Баракалла, ҳар қандай рост дегулик эмас.
Жалол ака, сиз ноҳақсиз, хотинингиз ҳақ.

Жалол

Яна етиб келдингизми? Мен қайда бўлсам,
Ўша ерда сиз ҳамиша ҳозиру нозир.

Мухбир

Вазифамиз шундоқ. Мухбир касби шунақа,
Сиз бор жойда биз ҳозиру нозир бўлмасак,
Ака, сизга бу нишонлар қаёкда эди!
Мен ёзганим учун, мана, донг таратдингиз,
Яхши мақсад билан тутган қалам мени ҳам
Донғингизга шерик қилди... Қаторингизда
Бу ажойиб сафар бизга армуғон бўлди.

Жалол

Бу армуғон пешонамнинг шўри бўлди-ку,
Қай бахтсиз кун дучор бўлдим бу кўргиликка.
Ҳаммангиз бир бўлиб мени йўлдан урдингиз.

Мухбир

Энди наф йўқ ўкинишдан. Тимсолни кўринг!
Биз ҳаммамиз бир кемага тушган одамлар!
Жонимиз бир. Ҳозир лангар сизда. Кемани
Чўктириш ё омон сақлаш бир сизга боғлиқ.

Жалол

Мақсадингиз менга аён. Тимсол-пимсолни
Йиғиштириб ўғил бола гапни гапиринг.
Фикрингиз шу: ёпиқ қозон ёпиғлиқ қолсин.

Мухбир

Мен сизга ақл ўргатмайман. Мендан каттасиз,
Лекин билинг: иш очилса, бир ўзингизмас,
Бутун район, область, водий бадномбўлади.

Жалол

Халқ бошини ҳақ кўтарар, ёлғон эгади.

Мухбир

Бу гапингиз тўғри келиб менга тегади.
Ўйлайсиз-ки, сиз бу ишни ўзингиз очиб
Мардлик қилиб, кўкрак кериб юрасиз. Йўқ, йўқ!
Мен-чи? Менинг ёзганларим нима бўлади?
Улар минг-минг тираж бўлиб ҳар хонадонда
Жовонларда савлат тўкиб турибди.

Жалол

Сиз ҳам
Мардлик қилинг.

Мухбир

Бўпти, мен ҳам мардлик қиламан.
Шу тобдаёқ Москвага радиограмма
Юбораман. Сиз боргунча марказий газет
Сизни чалпак қилиб ҳажвий лавҳа босади.
Остидаги имзо агар меники бўлса
Ажабланманг. Шу қўл сизни машҳур қилганди,
(Қўлини кўтаради.)
Энди шу қўл манфур қилар.

Саодат

Нақадар даҳшат!

Мухбир

Одессага етиб боргач эртага кема
Зинасига чикиб келган икки азамат
Сизни «иззат-икром билан» кутиб олади.
Қўлингизга тақишади ажойиб занжир,
Бир занжирки, жаранглаши кўкрагингизда
Жаранглаган орденларга жуда ҳамоҳанг.
(Саодат «оҳ» деб панжарага суяниб қолади.)

Жалол
(Мухбирга)

Кет бу ердан! Йўқол!

Мухбир

Мен-ку йўқолсам бўлар,
Бу кассета йўқолмайди.
(Кўкрак чўнтагидан кассета олиб кўрсатади.)
Бунда ёзуғлик
Ўтган кунги бозордаги учрашувингиз,
Кеча карвон саройдаги суҳбат ҳаммаси,
(Кассетани магнитофонга қўяди)
Биз Лондондан магнитофон сотиб олгандик.
Хўп иш берди.

Жалол

Айғоқчи!

Мухбир

Ҳа! Мана, эшитинг
(Искандарнинг овози)
Ёдгорликни менга эмас, сен ўзинг учун,
Ўз обрўйинг, ўз мартабанг учун тикладинг.
Ўша мармар Искандарга хотира эмас,
Сенинг ёлғон шуҳратингга пойдевор бўлди.
(Шиғиллаган овоз. Лента ўтиши)
Уканг севган қизни хотин қилиб яшашга
Ҳеч бўлмаса элу юртдан уялмадингми?
Қандай чидай, севган ёрим, тунлар тушимда
Оғушимда бўлган ёрим кайлиқ бўлибмас,
Остонамдан келинойим бўлиб кирса-я!

Жалол
(Кулоқларини беркитади.)

Ўчир, дейман, ўчир! Иблис! Йўқол кўзимдан!

Мухбир

Майли, кетдим. Жаҳлингиздан тушгач ўзингиз
Кассетани ўн минг бериб мендан оласиз.
Сувратларнинг баҳоси сал қиммат бўлади.
(Фотоаппаратига ишора қилади.)

Саодат
(четга)

Бу ўлим-ку.

Мухбир

Ҳазиллашдим... Пора олмайман.
Буни замон кўтармайди. Ёзган мақолам
Қалам ҳақи, шон-шуҳрати менга етади.
Сарлавҳани топиб қўйдим: «Ватангадо ким?»
Қалай, зўрми? Ха-ха-ха-ха! «Ватангадо ким?»
Бўпти, хайр.

Саодат

Йўқ-йўқ! Тўхтанг! Шарманда қилманг.
Жалол ака! Биз ҳеч кимни кўрганимиз йўк,
Ҳеч воқеа бўлгани йўқ! Шундай эмасми?

Жалол

Шундай эмас. Мард бир ўлар, номард эса юз.
Мен фикримдан қайтмайман.

Мухбир

Хўп. Ихтиёр сизда.
(Чиқади.)

Жалол

Тамом! Бари тамом! Шону шуҳрат, мартаба,
Иззат-обрў, мен тилаган сокин кексалик.
Офат тўлқин елкасида мени кўтариб
Олиб бориб тошга урди. Чил-парчин қилди.
Оқибатда нима бўлдим? Осмонга қараб
Варанглатиб кимдир отган мушак мен бўлдим,
Айём куни думчасига «офарин» деган
Шиор боғлаб учирилган пуфак мен бўлдим.
Шамолларда дариллаган, ипи узилиб
Энди ерга тушаётган варрак мен бўлдим.
(Сукут.)
Искандарга, бош эгиб бор юртингга; дедим,
Мана ўзим юртга бошни эгиб бораман.
Кечир, Ватан, шуҳратпараст эканман, кечир.
Искандар — оқ, мен олдингда юзи қораман.
Ғариб юртда у хоинмас, инондим, билдим,
Мен бағрингда яшаб туриб нонкўрлик қилдим.

Саодат

Йўқ! Гапирманг! Сўзингизни шамоллар олсин,
Кўрганимиз туш — даҳшатли туш бўлиб қолсин!
Ёлвораман, ҳали вақт бор, бу гапдан қайтинг,
Искандарни кўрмадим, денг. Ўлган денг, айтинг!
(Жалол жим.)
Нега жимсиз? Кўздан оққан ёшгинам билан,
Йиллар ғами оқартирган бошгинам билан
Эгилайин, оёғингиз ўпайин.
(Искандар қўлида тугун билан пайпасланиб кириб келади ва қулоқ солиб туради.)
Қўйинг.
Шундоқ қилманг. Майли, менинг бағримни ўйинг,
Лекин сиздан фарзандларга жафо қолмасин,
Иснод деган бир умрлик бало қолмасин.
Ялинаман, ёвораман.

Искандар

Сенми, Саодат?
Нега энди йиғлаяпсан, бу нечук ҳолат?
Йиғи сенга ярашмайди, бошингни кўтар,
Дунё ўзи алдоқчи, қўй, ҳаммаси ўтар.
Сен Ватанга қайтаяпсан — йўлинг бўлсин оқ...

Саодат
(Искандарга ғазаб билан)

Яна пайдо бўлдингми сен — баттол, шумоёк,
Ҳаммасига сен сабабчи — нега ўлмадинг?
Нега пайдо бўлдинг, беиз ғойиб бўлмадинг?
Ўзинг каби бизни бахтиқаро қилдинг-ку,
Юртимизда юртимиздан жудо қилдинг-ку.

Жалол
(Саодатга)

Овозингни ўчир, ҳозир бўғиб ташлайман!

Саодат

Майли, бўғинг, кўзларимни ўйинг, розиман,
Бегона юрт мозорига қўйинг, розиман.
Ўлган яхши яшагандан кўра шармисор.

Искандар

Қўй, Саодат, бундай сўзни тилингга олма,
Мен ўлганман, ер юзида йўқман, қийналма.
Ўйлагинки, биз бу ёруғ дунёда эмас,
Осмонларда бир дақиқа бўлдик ҳамнафас.
Биз йўқ! Юрак, руҳларимиз қилди мулоқот.
(Жалолга)
Саодатинг — гавҳаринг, қил уни эҳтиёт!
Буни сенга айтаяпман!

Жалол

Искандар ҳаёт!
Тамом! Буни одамларга айтиб бўлганман.

Саодат

Ундоқ бўлса, ҳисобланг-ки, мен ҳам ўлганман.
Йўқ, бормайман юртга тавқи лаънатни осиб.

Искандар

Саодат, сен буни ҳатто қилмагин хаёл,
Ғарибликни душманга ҳам раво кўрмасдим,
Ихтиёрим бўлса бунда бир зум турмасдим,
Билармисан, нечун қилар най дардли наво?
Қамишзордан айрилдим деб у дод этармиш,
Чаманларда, боғларда ҳамфарёд этармиш.
Мен тўқаймас, жаннатимдан бўлдим-ку жудо!
(Жалолга)
Эсингдами, Жалол, эски гузарда бир чол
Девонаваш ўлтирарди, эгни турфаҳол.
Кўзи кўрмас эди, бизлар кулиб ўтардик,
Дўпписига чақамас, тош ташлаб кетардик.
Гоҳи дейман ҳаддан ортиқ эзганида ғам,
Қани эди, ўз юртимда ўша чол бўлсам.
Гадо эмас, подшо сезар эдим ўзимни,
Юрагимни қувончларга тўлдирар эдим.
Дўппимга тош солиб эмас, тепиб ўйнашса
Болаларни дуо қилиб ўлтирар эдим.

Жалол

Юртингга қайт, энди сенга монелик йўқ ҳеч.

Искандар

Жон деб борар эдим, учар эдим, лекин — кеч.
Умр гули кетди, чўпдек устихон қолди.
Энди фақат ўлимдеган бир имкон қолди.
Ватанимга не юз билан, не деб қайтаман?

Жалол

Сени кўрдим, онамизга қандай айтаман?

Искандар

Айта кўрма, ёлвораман, онам билмасин,
Жароҳати янги бўлиб фарёд қилмасин.
(Тугун узатади.)
Ўзимдан деб шу совғани унга олиб бор.
Энди онам дийдорини кўрмоғим душвор.
Тирик юриб даргоҳида бўла олмадим,
Фарзанд бўлиб хизматини кила олмадим.
Унга атаб икки-уч хил кийимлар олдим,
Бир кунига яратар деб буюмлар олдим.
Эҳтиётга жамғарганман — шуни олиб бор.
Сўққабошман, куним яқин, менга не даркор.

Жалол

Онамизга бўз кўйлагу дока рўмолдан
Узга нарса даркор эмас — чиқар хаёлдан —
Унга совғанг эмас, ўзинг кераксан, ахир.

Искандар

Ялинаман, ол, бунчалар бўлма тошбағир.

Жалол

Насиб этса, бир кун ўзинг олиб борасан.

Искандар
(Қатъий)

Ол!

Жалол

Бас, жиндек меҳримни ҳамерга қорасан.
Такрор дейман, буюмингга онанг зор эмас.
Тошбағир ким, сенми, менми, ўйла бир нафас.
Узоқ қирқ йил сен онани қидирганинг йўқ.
Мен борман деб, тирикман деб билдирганинг йўқ.
Бизнес деган гирдибоднинг домида юрдинг,
Куч борида бойликка маст, айшингни сурдинг.
Энди қариб, кучдан қолиб, баридан айру,
Бу оламнинг ҳаваслари бўлганда абас,
Меҳру сахо касб этибсан — ҳаёт ўзи шу —
Камбағалдек сахий ёруғ дунёда бўлмас.
Аччиқ гаплар айтдим, гарчи ҳар бир сўзим ўқ —
Жароҳатингга туз сепиш ниятимда йўқ.
Сенга боқиб виждонимни ўйлаётирман,
Мен ҳам сенга виждон бўлиб сўйлаётирман.
Рост айт! Агар учраштирса тасодиф ҳолат
Сен онангни танирмидинг? Эслайсанми? Айт.

Искандар

Ака, мени адо қилдинг. Урдинг бешафқат.
Тани бошқа дард билмайди. Бу чин ҳақиқат.
Ҳа, мен худди ўрмонзорда адашиб қолиб,
Онабўри эмчагини сўрган боламан.
Шу ўрмонда умрим ўтди, шунда қоламан.
Лекин менга қаттиқ тегдинг, хайрлашар чоғ
Энди битта воқеани эсга соламан.
Бу ҳеч кимга айтилмаган сир эди алҳол,
Саодат, кел, йиғингни қўй, сен ҳамқулоқ сол.
(Йие-лаб ўтирган Саодат бери келади.)
Роппа-роса ўн тўққиз йил бўлди ўшанга.
(Жалолга)
У пайтда сен раис эмас, бригадир эдинг,
Ёдингдами, марокашлик учта меҳмонга
Ўз далангни кўрсатгандинг.

Жалол

Ҳа-ҳа, эсимда.
Пахтачилар эди.

Искандар

Балли. Улар ўша кун
Ётиб қолди.

Жалол

Август эди. Колхоз боғига
Жой қилгандик.

Искандар

Ҳа. Сен энди яхшилаб эсла,
Ўшаларнинг бири эди Ибн Мутаваккил...

Жалол

Бўлди, бўлди! У сен эдинг. Энди эсладим.
Наҳотки сен!

Саодат
(Четга)

Оҳ, мен ахир ош дамлагандим,
Қандоқ уни танимадим? Нега сезмадим?
У шийпонда имо билан сув сўраганда
Мен косада сув келтириб бердим. У олиб,
Мендан кўзни сира узмай сипқарган эди.
У кўзларда дард бор эди, меҳр бор эди.
Қувонч билан ғам аралаш сеҳр бор эди.

Искандар

Ўша кун мен худди тушда кўргандек кўрдим
Бирга ёнғоқ ўйнаб юрган ўртоқларимни.
Оқшом колхоз клубида учрашув бўлди,
Мен ҳайратдан одамларга термулар эдим:
У амаким, у опам, у болалик дўстим...
Кампирларнинг орасидан кўзим жавдираб
Мен онамни излар эдим, топа олмасдим.
Тирик борми ё ўлганми — била олмасдим.
Бир ўйладим — шарта турсам — қичқириб айтсам:
Эй сиз, жигаргўшаларим, қадрдонларим,
Жондошларим, мен Марокаш фуқаросимас,
Ўзингизнинг Искандарман. Тирикман, десам.
Ана унда томошаю қий-чувни кўринг.
Базўр тилни тишлаганча ўлтирдим.

Жалол

Нега?
Нега ўзни танитмадинг?

Искандар

Қандоқ танитай?
Хиёнатсиз эканимга исботим қани?
Бир ярим йил Рурнинг қаро шахталарида
Ит азобин чекканимга қоғозим борми?
Ё фашистнинг соқчисини ўлдирганимда
Ундан тилхат олганмидим? Мени чалажон
Ўрмонзорда топиб олган немис кампир ҳам
Ҳужжат ёзиб, бармоқ босиб бермаганди-ку.
Ким ишонар эди менга? Ким бўлар эдим?
Эъзоз билан эл елкада кўтариб бориб
Қабристонга элтиб қўйган ўлик эртаси
Маъракага салом бериб кириб келса-я!
Тасаввур қил, қандок ҳолга тушар халойиқ!
Тишни тишга қўйдим. Йиғин тамом бўлдию
Биз шийпонга бориб ётдик. Э-воҳ, ўша тун
Лаззати бир жаҳон эди, дарди бир жаҳон,
Ўлгунимча хаёлимдан нари кетмайди.
(Сукут.)
Ойдин кеча эди. Хушбўй даланинг иси
Димоғимни эркаларди. Мен кўз юммасдан
Юлдузларга қараб ётдим, шашқатор ёшим
Саҳаргача юзларимдан оқиб ёстиққа
Тома берди... тома берди... жиққа ҳўл қилди.
Тонгга яқин аста турдим. Ҳамма уйқуда,
Қоровул ҳамухлар эди. Боғ эшигидан
Катта йўлга чикдим — таниш ўша йўл билан
Ҳовлимизга қараб юрдим. Оёқялангман.
Бу дунёни унутганман, болага ўхшаб
Югураман, энтикаман. Оёқ остимда
Гўдакликдан таниш юмшоқ ва илиқ тупроқ,
Бир яйрайман, бир йиғлайман, ўкраб йиғлайман.

Саодат

Эй фалак, бу не изтироб! Чидаб бўлмас ҳеч!

Искандар

Тор кўчага бурилдиму ним қоронғуда
Таниш тутни кўрдим. Ичимўртаниб кетди.
Ўша ариқ, ўша девор, ўша дарбоза.
Худди мени кутган каби қия очилган.
Қандай мардлик, қандай журъат келди, билмайман.
Мен ҳовлига кирдим, ана у бир туп ўрик,
Ана ўша тандир — онам бир замонларда
Нон ёпганда менга атаб кулча қиларди.
Эски айвон. Астагина бордиму кўрдим!
Онагинам сокингина ухлаб ётарди.
Ой нурлари оппоқ сочу киприкларида
Акс этарди. Кўзларимни қоплаб келган ёш
Ногоҳ унинг рухсорини тўсди. Оҳ, онам
Онагинам, ўғлинг шундоқ ёнингда туриб
Эркаланиб сийнангга бош қўя олмайди,
Бола бўлиб ҳидларингга тўя олмайди.
Ўша лаҳза она билан фарзанд ораси
Оҳ, нақадар яқин эди, нақадар узоқ!
Қошида мен узоқ-узоқ ўлтирар эдим.
Лекин қўрқар эдим, онамуйғониб қолса,
Мени олам билмаса ҳам у билар эди,
Болажон деб қучоғига жо қилар эди.
(Сукут.)
Тонг отмасдан, ҳали кўкнинг Зуҳроси сўнмай,
Қуёш ҳам илк нурларини сочмасдан бурун
Яна ўша таниш тупроқ кўчани босиб
Ортга қайтдим. Бир пайт боқсам, гузар томонда
Ўт шуъласи кўриндию у ёнга юрдим.
Эски гузар энди катта сайҳон бўлибди.
Ўртасида улкан ҳайкал — солдат ҳайкали
Мангу олов косасини ушлаб турибди.
Яқин бордим. Мармар лавҳа. Ўт шуъласида
Порлаб турар заррин хатлар ёзилган номлар:
Миркомилов, Абдуллаев, Собиров, Шеров —
Бари менинг тенгқурларим, оғайниларим.
Улар билан биз иккита эски дўппининг
Орасига пахта тиқиб тўп тепар эдик.
Анавини «чатоқ» дердик, буни «пакана»,
Мирзахалил «ғирром» эди... Фалак гардиши
Қирқ иккита бўз боланинг ширин жонини
Қирқ икки туп атир гулга айлантирибди.
Нари бордим. Алоҳида тикланган қабр,
Бўй баробар мармар лавҳа. Бошида юлдуз.
Ким экан деб қизиқдиму ўқидим. Ҳайҳот!
Ҳайҳот, дунё! Сенинг бундоқ ишларинг бордур,
Қабристонга биров ёри, биров фарзанди,
Биров ота, онасини йўқлаб боради.
Мен-чи, у кун, не сўз билан баён этайки,
Ўз қабримнинг тепасида ўзим турардим.
Дердим, фалак нега мени шу ҳолга солдинг,
Ҳадду поён борми алам, дарду сабримга.
Ўзим тирик мозор бўлиб келиб турибман
Менга насиб этмаган шу совуқ қабримга...
Эй воҳ, энди мен юртимга қандоқ қайтаман,
Не юз билан ўлмаганман дея айтаман?
Саодат йиғлаб нари кетади.

Шу пайт кема томондан «Қаро кўзим» қўшиғи янграйди. Жалол, Саодат, Искандар кема томонга қараганча узоқ жим қолишади. Қўшиқ бўлинади.

Овоз

«Диққат! Диққат! Беруний теплоходининг барча сайёҳлари диққатига. Бугун кемада Ўзбекистон куни эълон қилинади. Барча қардош республикаларнинг вакиллари бугун Ўзбекистон меҳмонлари бўладилар. Кечсоат тўққизда томоша залида тўпланишингизни сўраймиз. Ўзбек сайёҳлари иштирокида концерт бўлади. Диққат, диққат! Теплоход жўнашига ўн беш дақиқа вақт қолди. Теплоходга чиқишингизни сўраймиз. Бугунги кечки тадбиримиз мутасаддиси Жалол Аҳмедов, ўн еттинчи купега зудлик билан етиб келинг! Диққат! Диққат!»

Жалол

Насиб қилса кўришармиз, хайр, Искандар!
Энди юртга яширинмас, ўзинг бўлиб бор.
Олтмиш — ҳали ўта кетган қарилик эмас,
Кўзларингни даволаймиз — ҳали яшайсан.

Искандар

Умр ўтди.

Жалол

Билки, инсон умридан агар
Бир кун муддат қолган бўлса, ўша муддатни
Покланишга сарф этмоғи керак. Ҳа, шунда
Нопок ўтган — бутун умр бир туш бўлару
Ўша бир кун ҳаёт бўлар. Чинакам ҳаёт,
Бошқа гапим йўқ, Искандар, омон бўл!

Искандар

Хайр!
(Жалол кетади. Саодат келади.)

Саодат

Искандар, сен мени кечир, ўзим билмасдан
Ҳаётингга завол бўлдим. Энди виждоним
Ўлгунимча менга азоб беради. Тушун.
Акангга чин севги билан боғланганим рост.
Ҳозир унга жуда қийин. Ёнига борай.
(Кема томонга бир неча қадам қўйиб орқага қайрилади.)
Энди билдим, ҳақиқат бир юксак тоғ экан,
Ундан кўзни юмиш мумкин, терс қараш мумкин,
Аммо тупроқ билан кўмиш беимкон экан.
Сенга эса сўнгги сўзим: Ватанингга қайт.
Ўтган ишлар ўтди. Энди қолган умрни
Ёлғон билан эмас — ҳалол ва пок яшайлик.
Пешонада нима бўлса шуни кўрамиз.

Искандар

Саодат, мен умримборки, сендан розиман,
Миннатдорман, бу қабоҳат тўла дунёда
Сенинг ёдинг покизалик тимсоли бўлиб,
Шуъла бўлиб ҳаётимни ёритиб турди.
Шу нур ҳаққи, миннатдорман, бор бўл, омон бўл!
Теплоход гудок чалади.

Саодат

Кўришгунча хайр, Искандар!

Искандар

Саодат, оқ йўл!
(Саодат кетади, Искандар соҳилда ёлғиз)
Ана, кема, Ватанимнинг битта бўлаги.
Оҳ, Ватаним бунча яқин, бунча узоқсан,
Ўртамизда икки қадам масофа, холос.
Икки қадамқўйсам— тамом, қучоғингдаман,
Аммо ўша икки қадам — икки дунёнинг
Орасича йўлдир. Гўё туғилмоқ, ўлмоқ
Саналари орасида турган чизиқча...
Ана, кема йўлга чиқди. Энди у мендан
Беғубор у йилларимдек узоқлашади.
Бир дам тўхта, болалигим, мовий баҳорим,
Ғурбат юртга ташлаб кетма мени, диёрим.
Узоқлашма. Кўз олдимда тургин бир нафас.
Сен бу ожиз дийдамга нур бергин бир нафас,
Сенинг билан энг бахтиёр оним кетмоқда,
Қуриб қолган вужудимдан жонимкетмоқда.
Юртим, кемам тўлқинларнинг устида қалқиб,
Гирдобларга кўкрак уриб кетиб борадир.
Йўқ, у — офтоб, менга тунни қолдириб, балқиб
Ёруғ кундуз масканига етиб борадир.
Энди менга шаби ҳижрон фалакда танҳо
Саргардон бир юлдуз каби мўлтираш қолди.
Хар йил бир бор бандаргоҳга келиб умидвор,
Сайёҳлардан «бир қафт тупроқ» деб тилаш қолди.
Хайр, Ватан, хайр, онажон!..
(Денгизга қараб аста тиз чўкади.)
Болангни кечир,
Айриликда ўлиб кетсам, мендан рози бўл.
(Йиғлайди.)
Қани эди, насиб бўлиб бағрингда ўлсам,
Бу дунёдан ҳеч беармон кетган бўлардим.
Гўё она кучоғида ухлаган бола —
Тупроғингда эркаланиб ётган бўлардим.
(Сукут.)
Қуёш ботиб кетди — кемам кўздан йўқолди,
Ана, кўкка бирин-кетин чикди юлдузлар.
Юлдуз-юлдуз ёшлар тўкиб менинг ҳолимга,
Кўнгилдаги фарёдимга фалак ҳам бўзлар.
Эй қоронғу фалак, энди сен бағрингни оч,
Ерда менинг маконим йўқ, олиб кет мени,
Кафан қилиб ботаётган қуёш нуридан,
Юлдузларнинг Ватанига дафн эт мени.
Абадият маконига мени олиб кет,
Соғинч номли юлдуз бўлиб сузиб юрайин.
Инсонларга беватанлик дардини сўзлаб,
Юрагимдек симоб бўлиб қалқиб турайин.
Юлдузлардан юлдуз бўлиб кўринса замин,
Меҳр тилай ва осойиш тилай ҳар замон.
Қайда адо бўлса менинг нотавон жисмим,
Руҳим айтар: ота юртим, сен бўлгин омон!

Qayd etilgan


Y_U_R_I_S_T  13 Mart 2010, 10:17:26

- БОЛАЛИГИМ – БОЗОРИМ -

Қанча интилганман курси қўймасдан
Дадам жовонидан олгунча китоб.
Қанча излаганман мурғак фикрнинг
Минглаб саволига топгунча жавоб.


УКАМНИНГ «ЖАНГИ»

Укам миниб «саман от»ини,
«Қилич» ушлаб чиқипти жангга,
Бешта душман самолётини
Йиқитдим, деб мақтанди менга.

Аввалига кулдим роса ҳам,
Ҳазилдир деб укамсўзлари.
Сўнг ҳовлига чиқиб қарасам,
Ётар эди беш ўлик ари.
1952


ОЛМА

Мева берди етилиб бу йил
Мен боғимга ўтқазган ниҳол.
Меваларки, чўғдай қип-қизил,
Ҳусни ёқут, ширинликда бол.

Лабларидан томизиб шарбат,
Ол, е, дейди, армонда қолма!
Лекин шунга ҳайронман фақат,
Нега уни дейдилар «олма»?

Олма экса боғига ҳар ким,
Меҳмонига, ол, е, демасми?
«Олма» менинг меҳмондўст халқим —
Одатига ёт сўз эмасми?

Мева берди етилиб бу йил
Мен ардоқлаб ўстирган ниҳол.
Олмаларки, шафакдай қизил,
Лекин номи олма эмас, ол!
1952


КЕЧАГИНА

Кечагина эди...
Хайрлашиб
Баланд тоғлар,
Гулбоғлар билан,
Дарёлардек тошиб,
Қирлардан ошиб
Ўртоқлар билан
Қайтган эдик
Ўйнаб, кулиб
Мактаб қўйнига.
Кўз олдимда...
Анҳор бўйи,
кўм-кўк чимда
Тўйиб-тўйиб
қўзилардек
Чўзилардик.
Горн билан
оқшом яна
саф-саф бўлиб
тизилардик.
Лагерь бизни
яна мактаб,
Фан қўйнига
узатди.
Кўксимизга
чечак тақиб,
гулхан
Кечагина эди,
худди кеча...
Букун яна
лагерь бизни
қучоқ очиб
кутади.
ёқиб
кузатди.
Кенг далалар,
гўзал боғлар
бизларга кўз
тутади.
Қаранг вақтни,
ҳадегунча
йил ҳам ўтиб
кетади.
Бир йил...
Худди бир ҳафтадай,
Аммо ўзи
сермазмун.
Бир йил...
Бизга ўқитувчи
Қанча сабоқ
бермасми?
Йил ҳам олға
югуради
Ҳаёт олға
юргандек.
Шу бир йилда
биз мактабдан
талай нарса
ўргандик.
Китоб бўлди
ҳамдамимиз,
Билим бўлди
нур — чироқ.
Шу нур билан
фан конига
Қирдик яна чуқурроқ.
Йиллар ўтар...
Кўз олдимда
чирой очар
келажак.
Мактаб, лагерь,
Анҳор, боғлар
хотирамда қолажак.
Ва эсларман
шу кунларни —
Кечагина эди...
Худди кеча...
1953


НУТҚ ҲАҚИДА

Ҳар сўзида «бу», «ану»,
«Ҳалиги», «сўнг», «акақа»,
«Бу-бу» дейди — нима бу,
«Унақа»си — қанақа?

Тилига келиб қолган
Сўздан қайта олмаса,
«Бу» қўшмасдан саволга
Жавоб айта олмаса.

Гоҳи қовушмай сўзи,
Гапидан тўхтаб қолса.
Яхши билса ҳам ўзи,
Зўрғагина «3» олса.

Ўзингиз ўйлаб кўринг,
Нима, бу, қанақаси?
Қачон қолар Ўткирнинг
«Нима», «бу», «анақаси»?

Одатланганман, дединг,
Тўғри, ҳамма гап шунда.
Лекин ахир, ўз тилинг
Ўзингга бўйсунсин-да.

Тўғри, аниқ гап тузиб,
Жавоб бергин сўроққа,
Хизмат қилсин ҳар сўзинг
Фикрингни тўлатмоққа.

Мазмун номли мўлжалга
Сўз — отилган ўқ бўлсин.
Нишонга тегмай қолган
Битта ўқ ҳамйўқ бўлсин.

Дўстим Ўткиржон, буни
Ёдингда тут ҳар доим,
Оташин нотиғини
Минбарлар кутар доим.
1954


ЧЕВАР ҚИЗ

Жажжи Лола пахта терди,
Энди деманг у гўдак.
Бир ҳовучмас, бир дўппимас,
Терди роса бир этак.

Тарозибон амакиси
Олар экан пахтани,
Чевар қиз деб, ширин қиз деб,
Асал қиз, деб мақтади.

Жажжи Лола уйга қайтар,
Енгил учар қадамлар.
Нега, қанча тердинг, қиз, деб
Сўрамайди одамлар?

Кўзларига қараб борар
Ўтган-кетган ҳамманинг.
Ҳеч ким сўрмас, нима деди
Тарозибон амакинг?

Ариқчадан юзин ювди,
Сочларини таради.
Сўнгра «ҳурмат тахтаси»га
Секин бориб қаради.

Номлари бор Гулсумопа,
Нури, Хайри холанинг
Ҳамма бору, нимагадир,
Исми йўкдир Лоланинг.

Аввал бир оз ўксиди у,
Кейин эса ўйлади:
Майли, бир кун унинг номи
Шу қаторда бўлади.

Ҳозир «ҳурмат тахтаси»да,
Майли, номин кўрмасин.
Бугун қанча тердинг, қиз, деб,
Майли, ҳеч кимсўрмасин.

Барибир, у пахта терар,
Чунки билар, бу керак.
Терар ҳар кун бир дўппимас,
Бир қучоқмас, ўн этак.

Лолахонни газетага
Ёзмаса ҳамбўлади.
У чевар қиз, у ширин қиз,
Буни ҳамма билади.
1955


ШАРҚ ЭРТАГИ

Тун.
Ғариб кулбада
Ғамгин тебранар шам,
Кўзларини юммайди гўдак.
— Нима дейсан, кўзим,
Нима дейсан, эркам?
— Она, менга сўйлаб бер эртак.
Эртак, достонларга
Қанча бой бу олам.
Қанчалар кўп Шаркда афсона!
Айтган билан битмас —
Минг бир кечалар кам,
Қай бирини сўйласин она?!
Ё Баҳром эртаги,
Ёинки «Чор дарвеш» —
Озодбахтнинг қиссасиними?
Ёки Аловиддин
Ва ё Хусрав Парвез,
Ё Жамила эрк сасиними?..
— Ухла, жоним эркам,
Ухла, кўзимнури.
Қўзичоғим, кўзларингни юм.
Мен эртак сўйлайин,
Ширин тушлар кўриб,
Сен, дилбандим, оромол бир зум.
Узоқ-узоқларда
Кўк денгизлар узра
Томчилардан ўқ қилар булут.
Даҳшат билан келиб
Тоғ устига, сўнгра
Қояларга дўқ қилар булут.
Оқ соч чўққиларнинг
Ёқасидан тутиб,
Чақмоқ билан уриб ўтади
Тоғлар бош эгмагач,
Ғазаб билан булут
Қояларни ўқка тутади.
Таслим бўл, дер —
Қўлга қилич олиб,
Таслимбўл, дер кўтариб сурон.
Булутнинг кетидан
Ортиқ даҳшат солиб,
Ҳуштак чалиб келади бўрон.
Дейди: «Мен борлиқни
Тилка-тилка қилай,
Қора кўлка солай жаҳонга»...
Аммо чўққилар тик,
Боқар ишонч билан
Келажакка,
Қуёшга,
Тонгга...
Бир нафас жимқолди
Она недир ўйлаб.
— Сўнг не бўлди, сўйла, онажон?
Шарқ эртагин сўйлаб,
Она кўз олдида
Эртанги Шарқ бўлди намоён.
«Мана, қуёш чиқди,
Олам нурга тўлиб
Булут узоқларга йўқолди.
Этаклари унинг
Пора-пора бўлиб
Қояларда чувалиб қолди»...
Ухла, жоним эркам,
Ухла, кўзим нури,
Қўзичоғим, кўзларингни юм,
Борлиқ жимжит. Гўдак —
Ширин тушлар кўриб
Уйқусида қилар табассум.
1956


КУНЛАР СЕКИН ЎТАДИ

Сўрайди мендан укам:
Ака, китоб олиб бер.
Сўзин қайтармай мен ҳам,
Олиб бердималифбе...

Букун тайёрлик кўрар
Укам катта байрамга,
Гоҳ мактаб вақтин сўрар,
Гоҳ тайинлар аямга:

— Ўша кун ухлаб қолиб
Мактабдан кеч қолмай-а,
Эрталаб тура солиб,
Мени уйғотинг, ая.

Севинч сиғмас ичига,
Ўқувчи бўлар укам.
Унинг бу севинчига
Шерик бўламан мен ҳам.

Хитойи қоғоз ўрар
Укамкитоб, дафтарга.
Гўё ҳозирлик кўрар
Жуда узоқ сафарга.

У мактаб орзусида
Ўтказади тунларни.
Ҳаттоки, уйқусида
Санаб чиқар кунларни.

Зўр қувонч билан укам
Сентябрни кутади.
Кутган сари кунлар ҳам,
Қаранг, секин ўтади.
1956


ЧАНОҚЛАРГА ҚЎНГАН ЮЛДУЗЛАР

Тонг еллари билан ўйнашиб,
Кўк шамлари сўниб қолдилар.
Йўқ, пахтазор водийга тушиб
Чаноқларга қўниб олдилар.

Тўлиб олтин чаноқларига
Майин жилва қилиб кулдилар.
Теримчи қиз қучоқларига
Оппоқ пахта бўлиб тўлдилар.

Яна қанча чевар қўллардан
Пардоз олиб бўлдилар кўркам.
Меҳнат тери билан йўғрилган
Юлдузларга кийинди ўлкам...

Ҳақли, агар ўз касби билан
Ғурур қилса пахтазор аҳли.
Оқ олтин ҳам шунча севинчдан
Чаноғига сиғмаса ҳақли.
1956


БОЛАЛИК

Тупроқ кўчалардан чопган болалик
Йиллар чанги ичра аста йўқолди.
Болалик кетди-ю, шўх суҳбатларда
Уни кула-кула эсламоқ қолди.

Жилғалар ошиқар дарё бўлгани,
Гиёҳлар бўй чўзар доим қуёшга.
Эртанинг ишқида йиллар ошдиму
Орзу қанотида етдим бу ёшга.

Қанча интилганман, курси қўймасдан
Дадам жавонидан олгунча китоб.
Қанча изланганман, мурғак фикрнинг
Минглаб саволига топгунча жавоб.

Болалик!
Мен сени бир умр қалбда
Она сути каби сақлай муқаддас
Ва лекин эртанги кунимдан кечиб,
Сенга қайтмоқни ҳеч қилмайман ҳавас!
1957


ОЙГА УЧСАК...

— Ойга учсак, Холжонни ҳам
Оламизми?
— Ҳамма учса, ахир ошнам,
Қоламизми?

— Арғимчокдан кўркдинг, Холжон.
Кўрмайсанми!
Учар бўлсак Марсга томон,
Қўрқмайсанми?

— Дўстлар, сизни ҳеч уятга
Қўярмидим?!
Анвар ўзи кўрқитмаса,
Қўрқармидим?!
1960


ДАРАХТЛАР СУҲБАТИ

ҚАРАҒАЙ

Бўйин чўзиб
Қарағай
Ён-атрофга
Қарагай.
Дер у:
Барча дарахтдан
Баланд аканг —
Қарағай.

ТЕРАК

Мен теракман,
Теракман.
Мен ҳаммага керакман.
Осмон менинг
Елкамда.
Мен оламга
Тиргакман.

МАЖНУНТОЛ

Бошим эгик
Мажнунҳол,
Мажнунтолман,
Мажнунтол.
Дам олсангиз
Соямда,
Мен сизлардан
Мамнун тол.

АРЧА

Мен арчаман,
Арчаман.
Мен хурсандман
Барчадан.
Атрофимда
Айланиб
Ҳеч чарчаманг,
Чарчаманг!

ОЛМА

Мен сизларнинг
Олмангиз,
Хомлигимда
Олмангиз,
Нортожига
Ўхшаб сўнг
Вой қорним, деб қолмангиз!

ЎРИК

Қантак ўрик
Отим бор,
Хўп мазали
Тотим бор.
Мағизимга беркитган
Қантим бор,
Новвотим бор.

ШАФТОЛИ

Сариқ, оқ шафтолиман,
Зарғалдоқ
Шафтолиман,
Мақтаниб ўлтирмайман,
Манандоқ
Шафтолиман.

ЁНҒОҚ

Мия каби
Шаклим бор,
Бошим тўла
Ақлим бор.
Мени еган
Донишманд
Бўлур деган
Нақлим бор.

НАШВАТИ

Мени дерлар
Нашвати,
Шарбатларнинг
Шарбати,
Мазаларнинг
Мазаси,
Лаззатларнинг
Лаззати.

ГИЛОС

Мен гилосман,
Қулоқ сол,
Рангим олу
Тотим бол,
Топсанг қўшалоғимни
Қулоғингга
Тақиб ол.
1962


ПУШКИН

Мен илк бор мактабга қўйганда қадам,
Илк бор алифбодан олганда таълим,
Менга олам аро юз очган олам —
Пушкин даҳосига қилурман таъзим,
Ҳали мен англамай Алишерни ҳам,
Гёте руҳи ҳали бўлмасдан ҳоким,
Хаёлим бешигин тебратган онам —
Пушкин даҳосига қилурман таъзим.
Улғайдим, кенгайди уфки ҳаётнинг,
Дунё кўркин очди улуғвор, азим.
Кўзларимга қилган кенг оламни кенг —
Пушкин даҳосига қилурман таъзим.
Мурғак дилга тушиб шеърнинг ҳаваси
Баён этганимда илк кўнгил арзим —
Менга мадад бўлган оташ нафаси —
Пушкин даҳосига қилурман таъзим.
Ҳали йўлим олис, ҳаёт ҳали бор,
Ҳали бу дунёдан кўп менинг қарзим.
То тирик эканман такрор ва такрор
Пушкин даҳосига қилурман таъзим.
Шоир бўлсам бир кун элга муносиб,
Мени шоиримдеб атаса халқим,
Навоий девонин кўксимга босиб,
Пушкин даҳосига қилурман таъзим.
1974


ВЕРГУЛ ҲАҚИДА

Вергул ўзи қайдан келган?
Қинғир-қийшиқ жойдан келган.
Янги чиққан ойдан келган,
Шовва бўлган сойдан келган.

Мерган тортган ёйга қаранг,
Вергул ўша ёйдан келган.
Ёки букур тойга қаранг,
Ершов ёзган тойдан келган.

Сизга аёндир ҳойнаҳой
Ҳов камалак туғилган жой.
Вергул ўша жойдан келган.

Вой оёғим, белгинамвой,
Дейди хасса тутган бобой,
Вергул у бобойдан келган.

Вергул айни пилла қурти,
Айтинг, қайда пилла юрти?
Вергул узоқ Хитойдан келган.

Йўқ, бир замон афандининг
Бир пой кавиши йўқолган,
Вергул ўша бир пойдан келган.
1991


БИР ЁЛҒОНДАН ҚИРҚ ЁЛҒОН

Каминаи камтарин —
Фалончиев Фалончи.
Мен бир ўзим ростгўйман,
Қолган ҳамма — ёлғончи.

Ёшимни сўрасангиз,
Юз ойлик чақалоқман.
Қотмадан келган дароз,
Пакана бақалоқман.

Хуш кўрганим музқаймоқ,
Ҳаммомга тушиб ейман,
Устига мурч сепиб,
Шўр бодринг қўшиб ейман.

Димлаб есанг — соз узум,
Хом емакка шолғомдир.
Тескарисин айтсалар,
Ишонманглар, ёлғондир.

Яна бир суйганим — ов,
Амаким билан бирга
Ҳар якшанба чиқамиз
Балиқ овига қирга.

Қўштиғли милтиқ билан
Сазанларни отамиз.
Тунаб қолсак, лайлакнинг
Уясида ётамиз.

Дерлар: ўғлон ёшидан,
Менга ҳақиқат доя.
Умримни бир бошидан
Қилай сизга ҳикоя.

Келишим бўлганда шарт
Мен қамина оламга
Онамнинг вақти бўлмай
Ялинибди холамга.

Холам бувимга айтиб,
Бувим янгамга айтиб,
Янгам аммамга айтиб,
Аммам ҳаммага айтиб,

Ҳамманинг вақти бўлмай,
Ўртада чиқиб жанжал,
Омадим келмаса сал —
Қолар эдим туғилмай.

Отам шўрлик айрилиб
Чўнтакдаги боридан,
Мени сотиб олибди
Чоршанба бозоридан.

Хола, ҳолингиз қалай?
Аламқилсин, аммавой!
Туғмасангиз, туғилмай
Қолармиди Жумавой?

Билиб қўйсин элу-юрт,
Мен дунёга келган кун
Ўттиз биринчи февраль,
Соат икки кечқурун.

Бешикда ётганимда
Бир вокеа юз берган.
Айтиб берай,
Жумавой
Рост айтишга сўз берган.

Сўрғичим сўриб ётсам,
Эшикни очиб тўғри
Мен ётган уйга кирди
Қора барзанги ўғри.

Тахланган кўрпаларни
Бир-бир олиб ташлади.
Бисот сандиқни очиб,
Шошмай тита бошлади.

Шўрликнинг хабари йўқ
Қараб турган кишидан.
Мен кузатиб турибман
Говрапеш тирқишидан.

Қулай фурсат келишин
Мўлжаллайман узокдан.
Аста-секин қўлимни
Бўшатаман қўлбордан.

Сандиқни титиб бўлиб
Келгач бешик қошига.
Сумак билан туширдим
Ўғрининг қоқ бошига.

Барзанги гурс йиқилди,
Сўнг туриб қочиб қолди.
Шошганидан эшик ҳам,
Сандиқ ҳам очиқ қолди.

— Эй, номард, — деб
қичқирдим, —
Қочсанг уриб шаталоқ,
Эшикни ёпиб кет-да,
Шамоллайди чақалоқ...

Бу биринчи ҳикоям,
Қурбонингиз бўлайин.
Сизни бир бор алдасам,
Тил тортмасдан ўлайин.

Сўзга беринг эътибор,
«Бир бор» дедим, «минг бор»мас.
Мени ақли бутунлар
Ёлғончига чиқармас.

Ичим тўла ҳикоя,
Қирқтасини айтаман.
Дамолинглар, ҳозирча
Сўзимни тўхтатаман.
1991

Qayd etilgan


Y_U_R_I_S_T  13 Mart 2010, 10:18:42

Расул ҲАМЗАТОВ

ДОҒИСТОНИМ

китобидан


Таржимондан:

Чўққилари осмон ўпган Кавказ тоғларининг бағрида бир ўлка бор. Уни Доғистон дейдилар. Дўппидеккина бу ўлкада қирққа яқин тилда сўзлашадиган бир миллион халқ яшайди. Расул ана шу халқнинг шоири, ана шу халқ шуҳратини бутун Иттифоққа, балки бутун дунёга таратган шоир.
«Доғистоним» шоирнинг биринчи насрий асари. Бунда у ўзи ҳақида, ўз халқи ва ўлкаси, унинг ўтмиши ва бугуни ҳақида, хуллас, замини ва замони ҳақидаги ўйларини ёзади.
Халқнинг адабиётини ўрганиш — унинг ўзини ўрганиш деб бежиз айтмайдилар. Икки халқнинг бир-бири билан яқинлиги адабиётларининг яқинлигида намоён бўлади. Ўзбек ва Доғистон халқлари ўртасида кўп яқинликлар бор. Ўтмишу бугунимиз, урф-одатларимиз, ҳатто тилимизда ўхшашликлар кўп. Шунинг учун Расул Ҳамзатовнинг сатрларини ўзбек китобхони ўз ёзувчисининг асаридек ўқиши мумкин.


Кулбамга кирмасанг, йўлчи, мабодо,
Сенга ғазаб қилсин тангри таоло.
Кирсангу мен улфат бўлмасам сенга
Тангри таолонинг ғазаби менга!
Эшикдаги ёзув.

Сен ўтмишга тўппонча отсанг,
Келажак сени замбарак билан отади.
Абутолиб айтган.


Муқаддима ўрнида.
Умуман, муқаддималар тўғрисида

Эрталаб кўз очганингда илон чаққандай ўрнингдан сапчиб турма. Аввал бир нафас ётиб, кўрган тушингни ўйлагин.
Наздимда, олло таолонинг ўзи ҳам саҳобаларига бирор қизиқ воқеани айтиб беришдан, ёки насиҳат қилишдан олдин чилимини тортиб, бир нафас хаёлга чўмади, ўйлайди.
Самолёт парвоз қилишдан аввал узоқ гувуллайди, сўнг уни анча йўлга тортиб боришади, кейин яна қаттиқ гувуллайди, югуради. Шундан сўнггина осмони фалакка кўтарилади.
Вертолётга узоқдан югуриб келишнинг ҳожати йўқ. Лекин у ҳам учишдан аввал турган жойида узоқ гуруллайди, қалдирайди, бутун вужуди титрайди.
Фақат тоғ лочини қоя устидан мовий кўкка тик парвоз қилади. Қанотларини кенг ёйиб аста-аста кўтарилади ва ниҳоят осмонда бир кичик нуқтага айланади.
Яхши китобнинг муқаддимаси ана шундай бўлиши керак. Узундан узоқ, зерикарли сўзбошининг ҳеч кимга кераги йўқ. Ахир чопиб келаётган отни жиловидан ушлаб қолмасанг, ўтиб кетгандан кейин думига осилишнинг фойдаси борми?
Мана ҳофиз қўлига танбур олди. Унинг хушовозлиги ҳаммага маълум. Шундай экан, танбурни узоқ тинғиллатиб ўтирмай дарров қўшиқ бошласа бўлмайдими? Ўйиндан олдин нутқ, томошадан олдин ваъзнинг нима кераги бор? Бизда қайнота куёвни меҳмон қилишдан олдин узоқ панд насиҳат қилади. Тўғридан-тўғри дастурхонга таклиф қилиб, косага шароб тўлдириб бераверса бўлмасмикин?
Бир кун улуғ Шомилнинг муридлари даврада ўтириб ўз қиличларини мақтаб қолишибди. Бири пўлатининг тозалигини гапирса, бири қилич бандига ёзилган оятнинг маъносини айтиб мақтанаверибди. Муридлар орасида Шомилнинг ноиби Ҳожи Мурод ҳам бор экан. У йиғилганларга қараб шундай сўз айтибди.
— Эй, сиз, содиқ муридлар. Бу ерда салқин чинор соясида ўтириб баҳс қилманг. Эртага саҳарлаб қирғин жанг бўлади. Кимнинг қиличи зўр бўлса, ана ўшанда билинади.
Ҳар қалай, олло таоло ҳам гап бошлашдан олдин чилимини тортиб, ўйлаб олади.
Ҳар қалай, тоғлик халқимда бир одат бор. Остона олдида отга сакраб минмайди. Аввал отни етаклаб овулдан олиб чиқади. Бунинг маъниси шуки, йўлга отланган ўғлон овулида нимаси қолди-ю, йўлда уни нималар кутади — шуни ўйлаб олиши керак. Шунинг учун у, иши қанча зарур бўлмасин, отни жиловидан ушлаб бутун овул бўйлаб оҳиста етаклаб ўтади. Ана шундан сўнг эгарга қушдай қўниб, тўзон ичида ғойиб бўлади.
Мен ҳам китобимнинг эгарига минишдан олдин хаёлим отини етаклаб оҳиста кезмоқдаман. Отимнинг жиловини ушлаб, унинг ёнида бораяпман. Мен ўйлайман. Гапни қандай бошлашни ўйлайман.
Фақат дудуқ эмас, соғ одам ҳам сўзда тутилиб қолиши мумкин. Киши сўзни саралаганда, энг керакли, энг ўринли, энг оқил каломни қидирганда шундай бўлади. Мен донишмандлик қилмоқчи эмасман, лекин дудуқ ҳам эмасман. Мен сўз излаяпман, шунинг учун тутилиб турибман.
Абутолиб айтган. Китоб муқаддимаси — тоғлик мутаассиб жувоннинг лабидаги буғдой чўпидир. Тоғлик хотин эрининг пўстинини ямаётганда лабида албатта буғдой чўпи бўлиши керак. Ривоятга қараганда, шундай қилмаса пўстин кафан бўлар эмиш.
Абутолиб яна айтган. Мен қоронғуда эшик тимирскилаётган ёки топган эшигига кириш-кирмаслигини билмай турган одамга ўхшайман. Бундай пайтда киши эшикни тақиллатади:
— Ҳей, ким бор, гўшт қайнатмоқчи бўлсангиз туринг, вақт бўлди.
— Ҳей, ким бор, иш қилмоқчи бўлсангиз ётаверинг, ҳали вақт бор.
— Ҳей, ким бор, бўза ичмоқчи бўлсангиз қўшнини чақириш эсдан чиқмасин.
— Ҳей, жавоб беринг, кирайми, ё менинг керагим йўқми?
Гапиришни ўрганиш учун одам боласига икки йил кифоя. Тилни тийишга ўрганиш учун олтмиш йил керак.
Мен икки яшар ҳам, олтмиш яшар ҳам эмасман. Мен йўл ўртасида турган одамман. Лекин икки ёшдан кўра олтмиш ёшга яқинроқман, негаки, айтган сўзимдан ҳали айтмаган сўзим қимматлироқ кўринади.
Ҳали ёзмаган китобим ёзган ҳамма китобларимдан азизроқ туюлади. У мен учун энг яқин, энг қадрли, энг қийин ва энг мўътабар.
Битилмаган китоб — мен ҳали кирмаган, лекин мени ўзимга сеҳрлаб, кўз олдимда сирларини ошкор этаётган тубсиз ғор. Битмаган китобим — минмаган отим, қинидан суғурмаган ханжарим.
Тоғликларда шундай гап бор: «Ханжарни бекорга қинидан суғурма. Суғурдингми — санч. Шундай санчки, душманнинг кўкрагини тешиб, отининг юрагига қадалсин».
Ҳақ гап айтасиз, тоғликлар!
Лекин ҳар қалай, ханжарни суғуришдан олдин, дами ўткирлигига ишонган бўлишингиз керак.
Китобим, сен узоқ йиллар менинг қалбимда яшадинг! Сени севикли гўзал маъшуқага, ўзимни эса ёрини узоқдан томоша қилиб, унинг ёнига боролмай юрган, борганда ҳам қўлидан ушлашга ботинолмай қочиб кетган уятчан ошиққа ўхшатаман.
Бас. Энди сенинг қўлларингдан тутмоқчиман. Уятчан ошиқ эмас, мард, олғир йигит бўлмоқчиман. Мен отни дадил миниб қамчи босмоқчиман — бор, нима бўлса бўлсин.
Лекин ҳар қалай, олдин ўзимизнинг ўткир тоғ тамакисини чор бурчак қоғозга шошилмай ўрайман. Тамаки ўраш завқи шунча бўлса, чекиш завқи қандай бўларкин.
Китобим, сени бошлашдан олдин қандай қилиб кўнглимда туғилганинг, қандай етилганингни, қандай қилиб сенга ном топганим, нега сени ёзаётганим, нима мақсадларим борлигини айтишим керак.
Меҳмонни қўй нимталаётган, гўшт ва қон ҳиди димоққа уриб турган ошхонага олиб кирмоқчиман.
Дўстларимга кўнгил сирларим тўкилган қоғозларимни, мен учун азиз ва мўътабар ишхонамни кўрсатмоқчиман. Қўлёзмаларимни тутишга рухсат бермоқчиман.
Гарчи отам шундай деган эди. Бировнинг қўлёзмасини титиш чўнтак кавлаш билан баробар.
Отам яна шундай деган эди. Муқаддима томоша вақтида олдинги қаторда ўтирган папоқ кийган елкадор одамга ўхшайди. Бу одам тўғри ўтирса ҳам бир нави, гоҳ у томонга, гоҳ бу томонга ҳадеб қийшаяверса — бундан ёмон бало йўқ. Томоша ғурбатга айланади.
ЁН ДАФТАРДАН. Кўпинча Москвада ёки Россиянинг бошқа шаҳарларида адабий кечаларда шеър ўқишимга тўғри келади. Залда ўтирганлар аварчани тушунмайди. Аввал, бир амаллаб дудуқланиб ўзим ҳақимда гапираман. Кейин дўстларим — рус шоирлари шеърларимнинг таржимасини ўқиб беришади. Одатда, улар бошламасдан олдин, одамлар бирорта шеъримни она тилимда ўқиб беришимни сўрайдилар. «Авар тилининг оҳангини, шеърнинг оҳангини эшитмоқчимиз» дейдилар. Шундан кейин мен шеър ўқийман. Бу иш худди ўша, ҳофизнинг қўшиқ бошлашдан олдин танбур тинғиллатишига ўхшайди.
Китобга муқаддима ёзиш ҳам шундай.
ЁН ДАФТАРДАН. Москвада ўқиб юрган пайтимда отам менга пальто олиш учун пул юборди. Нима бўлди-ю, пулни ишлатиб қўйдим. Пальто ололмадим. Қишки таътилга чиқдик. Мен ёзда Москвага нима кийиб келган бўлсам, ўша кийимда Доғистонга қайтдим.
Отам сўраганда ҳар хил сабаблар кўрсата бошладим. Тўқиган баҳоналарим пойма-пой, бири-биридан бемаъни эди. Охири гап тополмай ғулдираб қолдим. Шунда отам мени тўхтатиб шундай деди:
— Тўхта, Расул. Сенга иккита саволим бор.
— Қандай савол?
— Пальто олдингми?
— Олмадим.
— Пулни ишлатиб қўйдингми?
— Ишлатиб қўйдим.
— Мана, ҳамма гап аён бўлди. Икки оғиз сўз учун узундан-узоқ муқаддиманинг нима ҳожати бор.
Отам менга шундай таълим берарди.
Лекин ҳар қалай, дунёга янги келган гўдак кўз очибоқ тилга кирмайди. Аввал фақат йиғлайди, кейинроқ нималарнидир ғўлдирайди, яримта-юримта қилиб сўзлайди. Йиғлаганда баъзан ўз онаси ҳамунинг нима демоқчилигини, қаери оғриётганини билолмайди.
Шоир қалби гўдак қалбига ўхшаш эмасми?
Отам шундай дер эди. Тоғдан пода келаётган пайтда аввал эчкининг шохи кўринади, кейин бутун эчки, ундан кейин пода кўринади.
Овчи овдан қайтиб келаётганда аввал унинг ити, сўнг ўзи кўринади.

Ушбу китобнинг қандай туғилгани
ва қаерда ёзилгани тўғрисида

Кичкина гўдак ҳам катта тушлар кўради.
Бешикдаги ёзув.

Бир марта керак бўладиган қурол бутун умр ёнда сақланади. Бутун умр қалбда сақланадиган шеър бир ўтиришда ёзилади.

Баҳор қўйнида яшнаган овул устида баҳор қуши парвоз қилмоқда. У қўниб бир оз дам олмоқчи. Мана ясси, кенг, текис томга кўзи тушди. Томда тош мола ётарди. Қуш осмондан тушиб молага қўнди. Шу пайт пойлаб турган тоғ қизи қушни чаққонлик билан тутиб олди ва уйга олиб кирди. Қуш аввал қўрқди, кейин кўрдики, уйдагилар унга озор беришмайди. Шундай қилиб қуш шипга уя қурди ва ана шу уйда қолди.
Менинг китобим ҳам шундай эмасми?
Мен неча бор ўзимнинг шеърият осмонимдан наср даласига тикилдим, қаерга қўниш, қаерда дам олиш мумкин деб ўйладим...
Йўқ, мен аэродромга қўниши керак бўлган самолётга ўхшайман. Ҳавонинг ёмонлиги туфайли аэродром мени қабул қилмайди. Энди пастлаганда истаган, мўлжаллаган еримга қўнолмай, яна кўтариламан. Бир неча бор шундай бўлди.
Демак, менга мустаҳкам бетон таянч насиб бўлмас экан, деб ўйлардим ўзимча. Демак, оёқларим бетўхтов дунёни кезмоқда, кўзларим бетин оламни кўрмоққа юрагим дамолмай қўшиқ тўқимоққа маҳкум деб ўйлардим.
Сузиб ўтган момиқ булут парчасига, ё турналарнинг арғимчоғига бир нафас маҳлиё бўлиб, сўнг омочига энгашган деҳқон каби мен яна чала қолган достонимни давом эттириш учун ўтирардим.
Шеърларни мен ҳар қанча осмон демай, барибир у мен учун ер, ҳайдалмаган ер, очилмаган кўриқ, битмас-туганмас меҳнат, насрга эса мен қўл урган эмасман.
Бир кун менга хат келди. Хат мен ҳурмат қиладиган бир журналнинг муҳарриридан экан. Мен бу муҳаррирни ҳам ҳурмат қиламан. Муҳаррирнинг мактуби ҳам «Ҳурматли Расул» деб бошланади. Хуллас, ўзаро ҳурматимиз жуда зўр.
Мактуб менга ёввойи ҳўкизнинг қуритилган терисини эслатди. Худди қуритилган теридек шалдироқ, фақат қўланса ҳиди йўқ эди, холос.
Муҳаррир шундай деб ёзган эди: «Редакциямиз журналнинг яқин сонларида Доғистон ҳақида, унинг эришган ютуқлари, кундалик ҳаёти, эзгу меҳнати ҳақида материал босишга қарор қилди.
Бу оддий меҳнаткашлар, уларнинг қаҳрамонлиги, орзу-ўйлари ҳақида бўладими, тоғлик ўлкангнинг ёрқин «эрта»си, асрий анъаналари ҳақида бўладими, гап асосан, халқнинг ажойиб «бугун»и тўғрисида бўлсин. Бундай материални ҳаммадан кўра сен яхшироқ ёзишинг мумкин деган хулосага келдик. Жанр — сенинг ихтиёрингда, хоҳ ҳикоя, хоҳ мақола, хоҳ очерк, хоҳ лавҳалар. Материалнинг ҳажми 9—10 машинка қоғози бўлсин. Муддат 20—25 кун. Сенга ишонамиз ва олдидан раҳмат айтамиз».
Бир вақтлар қизни эрга бераётганда ундан рухсат сўрамас эдилар. Лекин ўша вақтларда ҳам биронта тоғлик ўз ўғлининг тўйини унинг хоҳишисиз ўтказмас эди. Ривоятларга қараганда, бундай тўйни фақат гидатлилик бир одам қилган экан. Наҳотки ҳурматли муҳарриримиз Гидатли овулидан чиққан бўлса!..
Бир неча кун ўтгач телефоним шиддат билан жиринглаб қолди. Телефон эмас, мисоли тухум қилган товуқ дейсиз. Кутганимдек ўша журналнинг муҳаррири чақирган эди.
— Салом, Расул! Хатимизни олдингми?
— Олдим.
— Материал қани?
— Энди... шу... ишлардан бўшаб ҳеч қўл тегмаяпти.
— Қўйсанг-чи, Расул! Бошқа ҳеч илож йўқ! Ахир журналимиз миллион тираж билан чиқади. Чет элларга ҳам боради. Агар сен жуда банд бўлсанг, олдингга одам юборамиз. Сен унга икки оғиз айтмоқчи бўлган гапингни айтасан. У ёғини ўзи тўғрилайди. Материал тайёр бўлгандан кейин ўқиб қўл қўясан. Бизга — энг муҳими — сенинг номинг керак.
Ким уйига келган меҳмонга хўмрайса кўзи тешилсин, меҳмонни кўриб пешанаси тиришса, пешанасига одам битмасин. Тоғликлар меҳмонни ана шундай табаррук билишади. Аммо, худо хайрингизни берсин, менинг уйимга Салихаловни  юборманг. Чирмандамни тобига етказиш ўзимнинг қўлимдан келади. Ўзим ясаган кўзанинг бандини ҳам ўзим қиламан. Елкам қичишса бировга қашитадиган одатим йўқ.
Шу билан гапимиз тугади. Тамом вассалом!  Мен бир ойлик таътил олиб қадрдон овулим Цадага жўнадим.
Цада! Етмиш хонадонлик овул. Етмиш ўчоғу, етмиш қозон. Қопқора ер устида оппоқ уйлар. Оппоқ уйлар олдида кўм-кўк ўтлоқлар... Овул устида қоялар осилиб туради. Булар худди тўй кечасида томга чиқиб олишган болаларга ўхшайди.
Овулга келиб отамнинг Москвага биринчи марта борганда ёзган хати эсимга тушди. Бу хатнинг ҳазили қаерда-ю, чини қаерда билиб бўлмас эди. Отам Москвага ҳайрон бўларди.
«Масков деганинг ғалати шаҳар экан. Бу ерда одамлар олов ёқмайди, овқат пиширмайди шекилли. Шунча юриб деворга таппи ёпаётган биронта хотинни кўрмадим. Бирорта уйдан тутун чиққанини учратмадим. Москваликлар томда пичан қуритмас экан. Ҳайронман, сигирларини нима билан боқишади. Бир боғ ўтин ё бир бойлам хашак кўтариб ўтган қизни учратганим йўқ. Бирор марта на сурнай, на ноғоранинг овозини эшитмадим. Қизиқ, бу шаҳарда йигитлар тўй қилмаса, уйланмаса керак. Бу ғалати шаҳарнинг кўчаларида шунча кезиб бирорта қўй кўрганим йўқ. Бу одамлар уйига меҳмон келганда нима сўяркин? Ростини айтсам, шаҳаринг менга ёқмади. Ўзимнинг қадрдон овулимга кетаман...»
Отамга Москванинг яна кўп томонлари ёқмабди. Москва деворларида таппи кўрмадим деб ҳайрон бўлгани албатта ҳазил. Лекин ўзининг кичкина овулини Москвадан аъло кўргани ҳазил эмас. У ўзининг қадрдон Цадасини жуда севарди, жаҳоннинг ҳамма пойтахтларини қўшиб берганда ҳам шу овулига алишмас эди.
Қадрдоним Цада! Букун мен ҳам сенинг бағрингга ўша дунёдан — отам талай «камчиликлар» топган дунёдан келдим. Мен бу улкан дунёни кўп кездим, кўп ажойиботлар кўрдим. Ҳашаматли саройларга, гўзал чеҳраларга тўйиб боқдим.
Лекин мен ҳаддан зиёд таажжуб қилмадим. Чунки ҳар сафар бундан ҳам ажойиброқ, бундан ҳам ғаройиброқ нарсаларни кўришимга ишондим... Ахир бу оламнинг чегараси борми?
Ҳиндистоннинг серҳашам ибодатхоналари, Мисрнинг юксак эҳромлари, Италиянинг чил устунлари мени кечирсинлар. Американинг осмонўпар бинолари, Парижнинг хиёбонлари, Англиянинг томошабоғлари, Швейцариянинг тоғлари мени кечирсинлар. Мени Польша, Япония, Римнинг жононлари ҳам кечирсинлар. Уларни кўрганда юрагим уриб кетгани йўқ. Юрагим урганда ҳам бошим айланиб қолгани йўқ.
Нега энди мана шу оддий уйларни кўрганда юрагим уриб кетди, бошим айланиб кўзим тиниб қолди?
Наҳотки шу кичкина овул Венецияю, Қоҳираю, Калькутталардан чиройли бўлса! Наҳотки бир боғ ўтин кўтариб ўтган тоғ қизи сарвқоматли оппоқ скандинав қизидан гўзал бўлса!
Цада! Сенинг ўтлоқларингни кезсам сарпойчанг оёқларимни шудринг томчилари ювади. Шаффоф булоқларингдан тўйиб симираман. Отам иш билан юборди шекилли.
Ҳар қадамда ўзим билан, ўз болалигим билан учрашаман, ўша баҳор, ўша ёмғир, ўша гулларни кўраман.
Ечинаман ва шалола тагига бориб тураман. Шалола тошдан тошга урилиб сачраб, саккиз поғонани босиб, охири менинг елкамга тушади. Парижнинг «Қирол саройи» деб аталган меҳмонхонасидаги душ менинг шалолам қаршисида бир елим ўйинчоқ.
Тоғ дарёсидан оқиб тушган сувнинг бир қисми иссиқ тошлар орасида тўхтаб кун бўйи илийди. Лондоннинг «Метрополь» меҳмонхонасидаги кўм-кўк ванна менинг бу ажойиб ванналарим олдида сопол товоққа ўхшайди.
Мен катта шаҳарларда пиёда кезишни яхши кўраман. Аммо бу сайр тез жонга тегади.
Ўз овулимни балки мингинчи марта кезаяпман. Юрган сари юргим, кўрган сари кўргим келади.
Бу сафарги келишимда ҳамма уйларга бир-бир кириб чиқдим.
Ҳар битта беланчак устида, бўлажак тоғ йигитлари ва тоғ қизлари устида хаёлга чўмиб турдим.
Ҳар битта беланчакка боққанимда унда мен ўзим ётгандай, менинг гўдаклигим ётгандай туюлди. Бир дақиқа мен ўтган йўллар, тоғ сўқмоқларию Россиянинг катта кўчалари, узоқ ўлкаларнинг шаҳарларию аэродромлари ҳали менинг олдимда бўлиб кўринди.
Мурғак гўдакларни аллалаб кўшиқ айтдим, улар менинг содда қўшиқларим оҳангида жимгина уйқуга кетдилар.
Цада қабристонига бордим. Бунда ўт босган эски қабрлар ёнида тупроқ ҳиди келиб турган янги қабрларни ҳам кўрдим.
Азадор уйларда бош эгиб жим ўтирдим. Тўйларда эса завқ билан ўйинга тушдим. Кўп ажойиб сўзларни, ибратли ҳикояларни эшитдим. Билган, аммо ёдимдан кўтарилган гаплар хотирамнинг теран тубидан яна юзага қалқди.
Янгиликларни кўзим билан кўрдим, кўҳна ривоятларни қулоғим билан эшитдим. Хаёлим рангин ипларни ўраётган урчуқдай айланди. Бу рангин иплардан тўқилажак улкан гиламни кўз олдимга келтирдим.

Кеча-ку тирмашиб тик қоя тошга,
Қушлар уясига солардим қирон.
Мана, севги иши тушдию бошга,
Мени катта қилиб қўйди ногиҳон.

Кеча-ку ўзимни катта сезардим,
Доно билар эдим гўдак ёшимда.
Севгининг олдида бирдан қизардим,
Бола бўлиб қолдим унинг қошида.

Ҳа, мен севги ҳақида достон бошлаб қўйганман. Ошиқ ва маъшуқа ҳақида. Ошиқ мен ўзим. Маъшуқанинг оти — севги. Мен бу достонни тугатишим керак. Лекин мен телеграмма олган, ҳозир аэродромга бориши керак бўлган одамдай доим шошилиб юраман.
БАЪЗАН ШУНДАЙ БЎЛАДИ. Тоғ қизи эрталаб ўчоққа олов ёқади. У кечқурундан қолган овқатни иситмоқчи. Қолган овқат уйдагиларга етади. Лекин шу пайт уйга меҳмон келиб қоладию, қозон бошқатдан осилади.
ЁКИ ШУНДАЙ БЎЛАДИ. Тўй оқшомида куёвнинг ўртоқлари унинг атрофида, унга яқинроқ ўтиришади. Лекин уйга ёши улуғлар кириши билан улар ўринларидан туриб жойни бўшатишади.
ЁКИ ШУНДАЙ БЎЛАДИ. Меҳмонхонада катталар ўтиришганида уларнинг атрофида болалар ҳам яйраб юришади. Лекин катталар жиддий бир масалани ҳал қилиб олмоқчи бўлишганда болаларни меҳмонхонадан чиқариб юборадилар.
Баъзан ўзимни овчига, балиқчига ёки чавандозга ўхшатаман. Мен фикр излайман, фикр тутаман, уни эгарлаб миниб, ўзим истаган йўлдан чоптираман. Баъзан ўзимни оҳуга ёки арғумоққа ўхшатаман. Фикрлар, ҳислар овчи бўлиб мени излайди, мени тутади ва миниб ўз йўлига солади.
Ҳақиқатан, фикр ва туйғу тоғликнинг меҳмонидай тўсатдан келади. Ундан қочиб ҳам, беркиниб ҳам бўлмайди.
Тоғликларда меҳмоннинг катта-кичиги бўлмайди. Эшикдан кириб келган бола ҳам биз учун табаррук одам, чунки у — меҳмон. Меҳмон бола мезбон чолдан улуғ. Уйга меҳмон келганда, кимсан, қаердан келдинг, деб сўрамаймиз, аввал уйга олиб кирамиз, тўрга, иссиқ ўчоққа яқинроқ ўтқазиб, ёнбошига ёстиқ кўямиз.
Тоғликнинг меҳмони тўсатдан келади. Лекин кутилмаганда келмайди. Чунки тоғликлар ҳар зум, ҳар дақиқа уйига меҳмон келишини кутади.
Бу китобни ёзиш фикри ҳам кўнглим уйига меҳмондай тўсатдан кириб келди.
ЁКИ ШУНДАЙ БЎЛАДИ. Баъзан нима қилишни билмай бекорчиликдан, танбурни қўлга олиб тинғиллатиб ўтирганингда бирдан куй туғилади. Куй оҳанг бўлиб, оҳанг мусиқа бўлиб оқа бошлайди. Танбур чертиб оқшомни тонгга улаганингни сезмай қоласан.
ЁКИ ШУНДАЙ БУЛАДИ. Йигит қўшни қишлоққа арзимаган иш билан борадию, битта жононни эгарга ўтқизиб қайтади.
Қадрли журнал муҳаррири! Хатда ёзган илтимосингизни бажармоқчиман. Доғистон ҳақида китоб ёзмоқчиман. Лекин, мени кечиринг, сиз айтган муддатда улгуролмасам керак, чунки кўп сўқмоқлардан ўтишим керак. Биласизки, тоғ сўқмоқлари жуда тор ва тик бўлади.
Юксак тоғларим йирокда пардоз емаган олмосдай сирли жилоланади. Арғумоғим кенгликка интилади. Сиз кўрсатган ғорга қистасам ҳам кирмайди.
Доғистонимни сиз айтган тўққиз-ўн қоғозга ўраб беролмайман. «Оддий меҳнаткашлар, уларнинг каҳрамонлиги, орзу-ўйлари ҳақида», тоғлик ўлкамнинг «ёрқин эртаси, асрий анъаналари ҳақида материал» ёзиш, рости, қўлимдан келмайди.
Менинг кичкина қаламим шунчалик катта юкни кўтаролмайди. Менинг кичкина даъватимга уммонларнинг тўлқини, тоғ, дарёларнинг ҳайқириғи, инсоният тақдири жо бўлолмайди.
ДЕЙДИЛАРКИ, қачондир биров отиб юборган данак тасодифан кийикнинг бошига тушган эмиш. Кийикнинг шохи ана шу данакдан ўсиб чиққанмиш.
ДЕЙДИЛАРКИ, дунёда Али бўлмаганида, Умар туғилмасди. Оламда тун бўлмаганда кун ҳам бўлмасди.
ДЕЙДИЛАРКИ:
— Лочин, қайда туғилдинг?
— Торгина ғорда.
— Лочин, қайга учурсан?
— Чексиз осмонга.

УШБУ КИТОБНИНГ МАЪНИСИ ВА НОМИ ТЎҒРИСИДА

Юртнинг тўйларида чалинган бу жом —
Хабар берар, келса хатарли айём.
Қўнғироқдаги ёзув.

Ота ботир эди, ҳақсўз, қаҳрамон,
Бунда ухлар ундан ёдгор бу ўғлон.
Отанинг ханжари унинг бошида,
Аллада отанинг мардлиги достон.
Бешикдаги ёзув.

Тоғлик икки нарсани эҳтиёт қилиши керак: папоғини ва номини. Калласи бор одам папоғини эҳтиёт қилади, юрагида ўти бор одам номини.
Отамнинг дўстлари тўппонча отиб шипни илма-тешик қилиб юборишган. Бирор уйда ўғил туғилса шипга ўқ узишади, токи Доғистонда яна бир қарчиғай дунёга келганини тоғ лочинлари эшитсин.
Мен оламга келганимда, менга ном қўйишганда отамнинг дўсти бирваракай икки марта ўқ узган экан: биттасини шипга, биттасини ерга.
Менга қандай от қўйишганини онам ҳикоя қилиб берган. Мен оилада учинчи ўғил эдим. Менинг битта опам ҳам бор эди. Лекин бу ерда гап ўғил болалар ҳақида.
Тўнғичимизнинг оти туғилмасданоқ бутун овулга маълум бўлган. Чунки у раҳматлик бобомнинг исмини олиши керак эди. Шунинг учун одамлар: Ҳамзатовнинг уйида яқинда Муҳаммад туғилади, деб гапиришарди.
Бобомнинг ҳовлисига ит, мушукдан бўлак тўрт оёқли жонивор кирмаган дейишади, умрида кўрпа ёпинган эмас, ич кийим нималигини билмаган, баданига докторнинг қўли тегмаган. Овулда биронта одам бобомнинг қачон туғилганини билмайди. Уни қоралаб ёзилган аризада айтилишича, бобом арабчани ҳам билган. Отам катта акамга Муҳаммад бобомнинг исмини берди.
Иккинчи акам туғилишидан сал аввал отамнинг Ахилчи деган тоғаси қазо қилган эди. Уйимизда иккинчи ўғил туғилганда бутун овул қувониб, мана Ахилчи тирилиб келди, дейишган экан. Шундай қилиб, иккинчи акамнинг номи Ахилчи бўлди.
Мен дунёга келганимда отамнинг нақдинасида тайёр исм йўқ экан. Шу сабабдан менга от қўйиш учун овулнинг қарияларини чақирибди. Улар худди бутун мамлакатнинг тақдирини ҳал қиладигандай давра олиб, чуқур ўйга чўмиб ўтиришибди. Қўлларида балхар чилангарлари ясаган кўзача. Кўзачаларда кўпириб турган бўза. Фақат энг кекса, энг нуроний бир чолнинг қўллари бўш экан. Мени онам олиб чиқиб ана ўша чолга тутибди. Мен чолнинг қўлларида типирчилар эканман, онам унга қараб шундай дебди:
— Сен менинг тўйимда пандур чалиб қўшиқ айтгансан. Эшитай, менинғ боламга қандай қўшиқ айтар экансан.
— О, табаррук она. Қўшиқни унга сен бешиги устида айтасан. Майли, унга қилич ва ўқ қўшиқ айтсин. Аммо энг яхши қўшиқчи ёри куйласин.
— Йўқса унга от қўй. Сен қўйган исмни бутун овул, бутун Доғистон эшитсин.
Шунда чол мени баланд кўтариб туриб шундай дебди:
— Қиз боланинг исми юлдуз жилвасига, гулнинг табассумига ўхшамоғи керак. Йигитнинг номида қиличларнинг жаранги-ю китобларнинг дониши мужассам бўлиши лозим. Менинг китобларим, менинг қиличим, бу боланинг номи РАСУЛ бўлсин деяпти.
Пайғамбар сиймо бу чол менинг бир қулоғимга оҳиста: Расул, деди, иккинчи қулоғимга Расул, дея қичқирди. Сўнг мени онамга узатди:
— Мана, исми Расул бўлди.
Чоллар сукут билан менинг номимни тасдиқладилар ва қўлларидаги кўзани бўшатиб мўйлов силадилар.
Тоғлик икки нарсани эҳтиёт қилиши керак: папоғини ва номини. Папоқ оғирлик қилиб қолиши мумкин. Исм ҳам.
Расул арабчада «элчи», аниқроғи, «вакил» маъносини билдиради. Мен кимнинг элчисиману кимнинг вакилиман?
ЁН ДАФТАРДАН. Бельгия. Дунё шоирларининг анжумани. Турли мамлакат ва турли миллат шоирлари йиғилган. Мен ҳам борман. Ҳаммаси ўз халқи, унинг маданияти, шеърияти ҳақида гапиради. Шунақа вакиллар ҳам бор эди: лондонлик венгер, парижлик эстон, сан-францисколик поляк... Не илож, тақдир уларни ўз она юртларидан йироққа, неча тоғу денгизлардан нарига улоқтирган бўлса улар гуноҳкорми?
Ҳаммасидан мени бир шоир ҳайратга солди. У шундай деди:
— Жаноблар, сиз бу ерга турли мамлакатлардан келгансиз. Сиз турли миллат, турли халқларнинг вакилларисиз. Бу ерда ҳеч бир мамлакат, ҳеч бир халқнинг вакили бўлмаган ёлғиз мен. Мен ҳамма халқларнинг, ҳамма мамлакатларнинг вакилиман. Мен шеъриятман. Мен бутун оламга тенг нур сочувчи офтобман. Мен ҳамма ўлкаларга тенг ёзувчи ёмғирман. Мен дунёнинг ҳамма ерида тенг гуллагувчи дарахтман.
Шу сўзларни айтиб минбардан тушиб кетди. Кўплар қарсак чалди. Мен ўйга чўмдим: унинг сўзлари тўғри, — биз, шоирлар, дунё олдида бурчлимиз. Лекин ўзининг тоғларига бутун вужуди билан банд бўлмаган одам оламнинг вакили бўла оладими? Бундай одамўз юртини ташлаб кетган, бегона юртда уйланган ва қайнонасини она деб юрган беватанга ўхшайди. Мен қайноналарга қарши эмасман, лекин она битта бўлади.
Сендан, кимсан, деб суриштирганда, сен паспортингни кўрсатасан. Унда ҳамма нарса ёзиғлиқ. Агар бирор халқдан, кимсан, деб суриштирса, у паспорт сифатида ўз вакилини, олимини, шоирини, бастакорини, арбобини, лашкарбошисини кўрсатади.
Ҳар бир одам дунёга келганда шу нарсани билиши керак: у дунёга ўз халқининг вакили бўлмоқ учун келган. Ҳар дақиқа ана шу вазифани бажармоққа шай бўлмоғи керак.
Инсонга ном беришади, папоқ ва қурол беришади. Бешикдан ўз халқининг қўшиқларини ўргатишади.
Тақдир мени қайларга улоқтирмасин, мен доим ўзим биринчи бор арғумоқ эгарлаган юртнинг, ўша тоғларнинг, ўша овулнинг элчисиман, вакилиман, деб ўйлайман. Қаерда бўлмай Доғистонимнинг махсус мухбириман.
Лекин Доғистонимга қайтганимда мен бутун мамлакатимнинг, ҳатто бутун дунёнинг мухбириман.

Она юртим жамолин, кўркин
Мен оламга очолганим йўқ.
Елкамда бу юк тўла хуржун,
Тугунини ечолганим йўқ.

Оламда кўп тингладим қўшиқ,
Она тилда куйга солмадим.
Елкамда бу юк тўла сандиқ,
Калитини топа олмадим.

Том лабида оёқни осилтириб ўтирибман. Овулдошлар мени саволга тутишади:
— У ёқларда бизнинг одамларни кўрмадингми?
— У ёқларда бизнинг тоғларга ўхшаган тоғлар бўладими?
— У ёқларда зерикмадингми, овулни соғинмадингми?
— У ёқларда бизни билишадими? Мен жавоб бераман:
— Биз ҳали ўзимиз ўзимизни яхши билмаймиз, улар бизни қаёқдан билсин. Биз бор-йўғи бир миллионмиз. Бир миллион халқу, қирқта тил...
— Шундай экан, биз ҳақимизда сен айтиб бер, бизнинг ўзимизга ҳам, бутун дунёга ҳам айт. Бизнинг тарихимизни асрлар давомида қилич ва ханжар бу заминга қон билан ёзган. Сен шу ёзувни таржима қил. Цада овулида туғилиб, шу ишни сен қилмасанг, ким қилади?
Фикрингни яширма. Яширсанг йўқотасан. Хасис одам хазинасини яшириб юради. Яширади-ю, кейин ўзи ҳам қўйган жойини эсдан чиқариб қўяди. Хасислиги туфайли хазинадан айрилади.
Ўз фикрингни бировга берма. Қимматбаҳо асбобни ёш боланинг қўлига бериб бўлмайди. У ё синдиради, ё йўқотади, ё ўйнаб қўлини кесиб олади.
Отнинг феъли фақат эгасига маълум.
ОТАМНИНГ СЎҚМОҒИ ТЎҒРИСИДА ҲИКОЯТ. Бизнинг кичкинагина Цада овулида катта Хунзах овулига машиналар юрадиган кенг йўл бор. Район маркази ана шу Хунзаҳда. Отам Хунзахга катта йўлдан эмас, доим ўз сўқмоғидан юриб борарди. Бу сўқмоқни унинг ўзи солган, ундан фақат ўзи юрар эди.
Бу сўқмоқдан юриб, отам ажойиб гуллар терар, ажойиб гулдасталар тузар эди.
Қишда шу сўқмоқнинг четларига қордан одамларнинг, отларнинг ғалати шаклларини ясаб қўяр, кейин одамлар келиб томоша қиларди.
У гулу гулдасталар аллақачон сўлиб тамом бўлган, у қордан ясалган шакллар аллақачон эриб кетган, лекин Доғистон гуллари, тоғлик одамлар тимсоли отамнинг шеърларида яшайди.
Мен ёш йигитча эдим. Отам ҳали тирик эди. Бир куни зарур иш билан Хунзахга борадиган бўлиб қолдим. Катта йўлдан четлаб отамнинг сўқмоғига бурилдим ва шу сўқмоқдан кетавердим. Сал юрмай бошқа сўқмоқдан келаётган тоғлик чолга дуч келиб колдим. У мени тўхтатиб шундай деди:
— Болам, отангнинг сўқмоғи — отангга бўлсин. Сен ўзингга бошқа сўқмоқ оч.
Мен ўша чолнинг сўзи билан отамнинг сўқмоғидан чиқиб, ўзимга бошқа йўл излай бошладим. Мен топган сўқмоқ жуда узоқ ва эгри-бугри бўлиб чиқди. Лекин мен шу сўқмоқдан ўз гулларимни териб, ўз гулдастамни тузяпман.
Бу китобни ёзиш фикри ҳам менга ана шу сўқмоқда келди.
Ёзувчининг калласига келган хаёл хотин кишининг қорнига илинган боладай. У албатта туғилиши керак. Фақат фурсат ўтиши, бола етилиши керак. Ёзиш азоби туғиш тўлғоғига ўхшайди.
Бола туғилмасдан унга от қўйиш мумкин. Мен ҳали туғилмаган китобимга қандай от қўяй? Гуллардан исм сўрайми? Юлдузлардан излайми? Ёки пурдониш китоблардан қидирайми?
Йўқ, мен арғумоғимга бировнинг эгарини урмайман. Биров қўйган исм эмас, лақаб бўлади.
Бу-ку тўғри. Аммо китобнинг номи айтмоқчи бўлган гапингдан, кўзлаган мақсадингдан келиб чиқиши керак. Папоқни бошга ўлчаб оладилар. Бошни папоққа эмас. Пандурнинг тори ўзига мос бўлиши керак.
Овулим, тоғларим, Доғистоним. Хаёлларим, туйғуларим, истакларимнинг ошиёни мана шу ер. Мен ўзим шу ошиёндан темирқанот бўлиб учиб чиқдим. Қўшиқларим ҳам шу ошиёндан парвоз қилган. Доғистон менинг масканим. Доғистон менинг бешигим.
Шундай экан, ўйлашнинг фойдаси борми? Тоғликлар кўпинча ўғлига бобосининг исмини қўяди. Китобим — менинг фарзандим. Мен эса Доғистоннинг фарзандиман. Демак китобимнинг номи — «ДОҒИСТОН». Бундан ҳам мос, бундан ҳам чиройли, бундан ҳам аниқ ном бўлиши мумкинми?
Элчини машинасидаги байроқчадан танийдилар. Китобим — менинг ватаним. Номи — ўша байроқча.
Ёзувчи одамнинг фикрлари ҳар бир саҳифада, ҳар бир сатрда, ҳар битта сўз учун бир-бири билан баҳс қилади. Менинг фикрларим ҳам худди катта министрлар халқаро масала муҳокамасида даҳанаки жанг қилгандай китоб номи масаласида жиққа мушт бўлишяпти.
Шундай қилиб, бир министр бўлажак китоб номини «Доғистон» деб аташни таклиф қилди. Бошқа министрга бу ном ёқмади:
— Бўлмайди. Тўғри келмайди. Кичкина бир китобга бутун бошли бир ўлканинг номини қўйиб бўладими? Гўдакнинг бошига отасининг папоғини кийдириб бўлмайди-ку. Папоқнинг ичида йўқ бўлиб кетади.
— Нега бўлмайди? — дея эътироз билдиради таклиф киритган министр. — Ахир, осмонда сузиб юрган ойнинг сувдаги акси ҳам ой. Уни бошқача аташнинг нима кераги бор? Тўғри эмиш, тулки ойнинг дарёдаги аксини қуйруқ деб бўрини алдаган экан, бўри ҳам лаққа тушиб, дарёга сакрагану чўкиб кетган экан. Аввало, бу эртак, қолаверса, тулкининг муғамбир, алдоқчилигини ҳамма билади-ку!
— Бўлмайди. Тўғри келмайди, — дея оёқ тираб олади ҳалига министр. — Доғистон, аввалам бор, жуғрофий тушунча. Тоғлар, дарёлар, ғорлар, денгизлар... Доғистон деганда менинг кўз олдимга жуғрофий харита келади.
— Ундай эмас, — дейман ўзим баҳсга аралашиб. — Менинг юрагим жуғрофий харита эмас, аммо унга бутун Доғистон жо бўлади. Доғистонимнинг чегараси йўқ, на жуғрофий, на бўлак. Унинг тарихини ҳам бир ипга тизиб бўлмайди. Агар мен бу китобни ёза олсам, у Доғистон тўғрисидаги дарсликка ўхшамайди. Мен асрларни бир-бирига омухта қилиб, тарихнинг, халқимнинг, «Доғистон» деган сўзнинг фақат моҳиятини ёзмоқчиман.
Аслида Доғистон ҳамма доғистонликлар учун битта. Лекин, ўйлаб кўрсам, ҳар бирининг ўз Доғистони бор экан.
Менинг ҳам ўз Доғистоним бор. Бу менинг кўзимдаги, менинг хаёлимдаги, менинг юрагимдаги Доғистон. Мен Доғистонда нимаики кўрган бўлсам, нимаики кечирган бўлсам, мен билан яшаётган, менгача яшаган одамлар нимаики кечирган бўлса барчасидан, қўшиқлардан ва дарёлардан, қоялардан ва мақоллардан, лочинлардан ва тақолардан, тоғ сўқмоқларидан ва ҳатто акс-садолардан барчаси ва барчасидан менинг тасаввуримдаги Доғистон, менинг Доғистоним яралган.
ЁН ДАФТАРДАН. Кисловодск. Палатада икки кишимиз. Мен ва бир ўзбек. Кун чиқаётган ва ботаётган вақтда биз Эльбруснинг икки юксак чўққисини кузатамиз.
Мен бу икки чўққини сочини қирдирган икки дўстга, Шомилнинг икки қўрқмас муридига ўхшатаман.
Шу вақтнинг ўзида қўшним шундай дейди:
— Бу қўшчўққи икки қўлида икки лаган палов кўтариб келаётган пайтда қаршисида пайдо бўлган ажойиб манзарадан ҳайратга тушиб қотиб қолган бухоролик нуроний чолга ўхшайди.
ЁН ДАФТАРДАН. Калькуттада буюк Робиндранат Тагорнинг уйида ажойиб бир қушнинг суратини кўрдим. Бунақа қуш дунёда йўқ, бўлган ҳам эмас. У Тагорнинг хаёлида пайдо бўлган, унинг фикр дунёсида яшаган. Агар Робиндранат оддий қушларни кўрмаганда бу ғаройиб қушини чизолмаган бўларди.
Менинг ҳам ажойиб бир қушим бор. Бу менинг Доғистоним. Шунинг учун китобимнинг номи аниқроқ бўлсин деб, уни «ДОҒИСТОНИМ» дея атамоқчиман. У меники бўлгани учун эмас, у ҳақдаги менинг тасаввурим бошқаларникидан фарқли бўлгани учун шундай демоқчиман.
Шундай қилиб, масала ҳал бўлди. Муқовага «Доғистоним» деб ёзилади.
Министрлар кенгашида бир дақиқа сукунат чўкди, ҳеч ким эътироз билдирмади. Шу пайт бирдан индамай ўтирган учинчи министр ўрнидан турди ва минбарга кўтарилди:
— Доғистоним. Тоғларим, дарёларим... Умуман, ёмон эмас. Ҳақиқатан умумий ётоқхона фақат ёшликда, студентликда тузук. Кейинчалик одамга алоҳида уй керак бўлиб қолади. Лекин «менинг уйим» дейишнинг ўзи етмайди. Уйда қозон осадиган ўчоқ бўлиши керак. «Менинг бешигим» дейишнинг ўзи камлик қилади. Бешиқда гўдак бўлиши керак. «Менинг Доғистоним» деган билан бўлмайди. Бу сўзда ғоя бўлиши керак. Доғистоннинг тақдири, унинг бугунги куни бўлиши керак. Доғистоннинг машҳур шоири Сулаймон Стальскийнинг донишмандлиги оламга аён эди. Мана у нима деган: «Мен лазгинлик, ё доғистонлик, ё кавказлик шоир эмасман. Мен совет шоириман. Мен буюк мамлакатимнинг эгасиман». Кекса донишманд мана шундай деган. Сен бўлсанг икки гапнинг бирида менинг овулим, тоғларим, Доғистоним, дейсан. Гўё дунё Доғистон билан бошланиб, Доғистон билан тугайдигандай. Ахир дунё Кремлдан бошланади-ку! Сен танлаган номда мана шу кўринмаяпти. Сен кўкрак қафасини ясабсану, ичига юрак жойлаш эсингга келмабди. Сен кўз ясабсану, унга нур бермабсан. Нурсиз кўз эса чумчуқ чўқиган узум донасидай гап.
Шу сўзларни айтгач, учинчи министр ҳамёстиқдай папкасини қўлтиқлаб, минбардан тушди. Гап тамом, баҳсга бошқа ўрин йўқ, ҳукм қатъий дегандай гердайиб бориб ўз жойига ўтирди.
Шундан кейин минбарга яна бир мажлис қатнашчиси кўтарилди. У кўринишдан, бошқаларга қараганда ёшроқ эди. Шўхроқ, қувноқроқ экан, сўзини шеър билан бошлади:

Киши ўтирган чоғда билинмас — соғми, чўлоқ.
Киши ухлаган чоғда билинмас — тикми, маймоқ.
Киши дам олган чоғда билинмас — мардми, қўрқоқ.
Сўз очмаса билинмас — тили ростгўй, ё алдоқ.

— Мен айтмоқчиманки, — дея давом этди у, — албатта ғоянинг, айниқса мендан илгари гапирган нотиқ айтган ғоянинг бўлгани яхши. Лекин ўта ғояли ўртоқлар ҳам бўладики, ундайлардан ғояга фақат зарар етади. Мен сизларга Итли овулидан чиққан Михаил деган одам тўғрисида гапириб бермоқчиман.
Мажлисда регламент деган гаплар бўлмагани учун нотиқ шошилмасдан ўзининг Михаили ҳақида ҳикоя қилиб берди.
Хунзах райкомида Михаил Григорьевич Гусейнов деган одам отбоқар бўлиб ишлар эди. Аслида унинг номи Михаил эмас, Муҳаммад эди. Гражданлар уруши вақтида аллақаерларда бўлиб, ўша ёқдан Муҳаммад эмас, Миша бўлиб келган. Кекса отаси Мишани чақириб шундай дебди:
— Бу кунингдан ўлганинг яхши. Сенинг бу номингни эшитганимдан кўра онангни «вой болам» деб йиғлаганини эшитсам бўлмасмиди. Муҳаммад деган отингни мен қўйган бўлсам ҳам, у сенинг отинг. Уни ўзгартириш сенинг ихтиёрингда. Лекин менинг Ҳасан деган отимни Григорий қилишга қандай журъат қилдинг? Мен ўлганим йўқ-ку. Билиб қўй, Ҳасан бўлиб туғилганман, Ҳасан бўлиб гўрга кираман.
Аммо гражданлар урушининг қатнашчиси ўз фикридан қайтмади. Михаил Григорьевич бўлиб қолаверди. Отбоқарлигини ҳам қилаверди.
Мишамизнинг билими отхонаси доирасида қолган, аммо ўзини жуда онгли одам деб ҳисоблар, бу ҳақда гапиришни яхши кўрар эди.
Кунлардан бир кун ўқитувчи Ҳожига ҳайфсан эълон қилишди. Амакиваччасининг аллақандай қариндоши кеназ бўлиб ўтган экану, у анкетасига бу ҳақда ёзмаган экан.
Ҳожи ҳайфсанни кўриб овулига хафа бўлиб қайтаётган экан, райком отбоқари Михаил Григорьевич орқасидан етиб олиб аҳвол сўрабди. Ҳожи бўлган воқеани айтиб берибди.
— Сенга ҳайфсан кам,— дебди отбоқар,— партиядан ҳайдаш керак эди сени. Сен қандай коммунистсан? Ҳақиқий коммунист амакиваччасининг қариндоши тугул ўз акаси, ўз отаси бўлганда ҳам тегишли жойга хабар қилган бўларди.
Ўқитувчи бу гапни эшитиб шундай дебди:
— Сени бекорга ғояпараст дейишмас экан. Ҳайронман, шу вақтгача нега Доғистоннинг тоғларини текислаб қўймадинг? Ахир бу тоғлар сенинг қуюшқонингга сиғмайди-ку. Дарвоқе, сенга гап уқтириб бўлмайди.
Ҳожи бу сўзларни айтиб отбоқар билан йўли бир бўлса ҳам тўғри йўлдан четга бурилибди ва сўқмоқ бўйлаб кетаверибди.
— Қаёққа?— ҳайрон бўлиб сўрабди Михаил Григорьевич.
— Қаёққа бўлса ҳам сен юрган йўлдан бормайман.
— Мен коммунизмга кетяпман. Агар сенинг йўлинг бошқа бўлса...
— Коммунизмга ҳам сен билан бормайман, — дебди ҳожи, — кўрамиз, манзилга ким олдин борар экан.
Нотиқ бу ҳикояни айтиб бўлгач, давом этди:
— Бир шоир чўпон тўғрисида шундай шеър тўқиган экан:

Тоғда туман тарқалди,
Йўл ёруғ, равон.
Чўпон, бошла қўйларинг
Коммуна томон.

Ёки, бошқа бир онгли ўртоқ райкомга шундай ариза ёзган экан: «Шунча харакат қилишимга, ҳатто жисмоний таъсир кўрсатишимга қарамай хотиним «ВКП(б) тарихи қисқа курси»ни сидқидилдан ўқимайди. Хотинимнинг ғоявий тарбиясига алоҳида эътибор беришингизни сўрайман».
Ёки, Доғистон Ёзувчилари союзининг эшигида бир кун мана шундай эълон пайдо бўлиб қолди: «Чуқур ғоявий тайёргарликсиз бу эшикдан киришга ҳаққинг йўқ».
Доғистоннинг атоқли кекса шоири Абутолиб Ғофуров союзга зарур иш билан келаётган экан, бу эълонни кўриб орқасига қайтиб кетибди.
Ёки, кўпгина миллат вакиллари яшайдиган Махачқала шаҳрида бир неча қабристон бор: христиан, мусулмон, яҳудий мозорлари. Ўта онгли ўртоқлардан бири республика активининг йиғилишида сўзга чиқиб шундай дебди:
— Биз халқлар дўстлиги учун тинмай курашмоқдамиз. Аммо ҳанузгача бизда бир неча қабристон мавжуд. Битта — ягона қабристон ташкил қилишнинг вақти етди, ўртоқлар. Бу қабристонга лойиқ ном қўйиш керак. Масалан, «Бир оила фарзандлари». Ўйлаб кўринг, менинг ота-онам диндор одамлар эди. Мен эса 1937 йилдан бери партия аъзосиман. Улар билан бир қабристонда ётишим мумкинми? Йўқ, мумкин эмас. Шаҳримизда янги типда, юксак ғоявий асосда бошқа бир қабристон ташкил қилишнинг вақти аллақачон етган!
Айтишларига қараганда, шўрлик янги қабристонни кўрмай дунёдан ўтибди.
— Мен айтмоқчиманки, — сўзини давом эттирди министр. — Китобнинг номи папоққа ўхшайди. Хўш, папоқ муҳимми ёки бошми? Энди сизларга учта овчининг бўри овлагани ҳақида ҳикоя қилиб бераман.
ОВЧИНИНГ БОШИ БОРМИДИ? Учта овчи қишлоқдан унча узоқ бўлмаган дарада бўри борлигини билиб қолишибди. Уни тутиб ўлдирмоқчи бўлишибди. Улар бўрини қандай тутишгани ҳақида халқ ичида кўп ривоятлар юрарди. Мен ёшлигимда шулардан бирини эшитганман.
Бўри овчилардан қочиб ғорга кириб кетибди. Ғорнинг оғзи жуда тор экан. Одамнинг калласи сиғар экану елкаси сиғмас экан. Овчилар тош орқасига беркиниб милтиқни тўғрилаганча пойлаб ётишибди. Лекин бўри ҳам аҳмоқ эмас экан. У ҳам ғорнинг ичида индамай ётаверибди.
Ниҳоят, кутавериш бир овчининг жонига тегибди, у бир амаллаб ғорга кирмоқчи ва бўрини қувиб чиқармоқчи бўлибди. Ғорнинг тешигидан ичкарига бош суқибди.
Ўртоқлари эса унинг ҳаракатини кузатиб туришибди. Қарашса ҳалиги овчи ичкарига ҳам кирмас эмиш, ғордан бошини ҳам тортиб олмас эмиш. Охири кутиш уларнинг ҳам жонига тегибди. Бориб овчини тортиб олиб қарашса боши йўқ эмиш.
Ҳайрон бўлиб, ўйлашибди: овчининг боши аслида бормиди, йўқмиди. Биттаси бордай эди деса, иккинчиси йўқ эди шекилли, дебди.
Шундай қилиб, бошсиз танани овулга судраб олиб келишибди. Овулдагиларга бўлган воқеани айтиб беришган экан, бир чол шундай дебди: Бўри ётган ғорга бош тиқишидан маълумки, бу овчининг илгари ҳам калласи йўқ экан. Жасадни бева қолган хотинининг олдига олиб келишибди. «Эрингнинг боши илгари ҳам бормиди ёки йўқмиди!» деб сўрашибди.
— Мен қайдан билай, — дебди хотини, — ҳар қалай ҳар йили ўзига янги папоқ буюртирар эди.
Ғоя сўзда эмас, амалда кўриниши керак. У китобнинг ўзида бўлиши керак. Муқовада мана мен деб туриши шарт эмас. Гапнинг охирида айтиладиган сўзни бошида айтилмайди.
Янги туғилган боланинг бўйнига, ёмон кўздан асрасин деб, тумор осишади. Туморнинг фойдаси борми, йўқми, гап бу ҳақда эмас. Лекин шуниси маълумки, тумор ичдан тақилади. Ҳеч ким уни тўнининг устидан, кўрсатиб тақиб юрмайди.
Ҳар бир китобда ана шундай тумор бўлиши керак. Уни ёзувчи билиши, ўқувчи сезиши керак, аммо у кийимнинг ичида бўлиши керак.
Бомбайда ажойиб бир боғ бор. Ҳар қандай жазирама иссиқ бўлишига қарамай, бу боғ доим кўм-кўк бўлиб яшнаб туради. Маълум бўлишича, боғнинг тагида кўзга кўринмайдиган кўл бор экан. Ана шу кўл боғнинг гулларига ҳаёт суви берар экан.
Ғоя тошдан тошга сакраб, кўпириб сув сачратиб оқувчи жилға эмас, балки экиннинг томирига жон берувчи, аммо ўзи кўринмай қолувчи сизот бўлиши керак.
— Бу нима деган гап! — деб бақирди ҳалиги семиз папкалик министр. — Демак, сенингча папоқ бўлса бўлди-ю, унда қандай белги бўлиши муҳим эмас: оқ саллами, қизил ҳошиями, беш қиррали юлдузми — сенга барибир. Сенингча, одам кўкрагида қанақа нишон бўлиши аҳамиятсиз: қизил орденми, ё қора зуннорми! Кўнгли тоза бўлса бас. Йўқ. Одам худди тануслик Ҳасанга ўхшаб бир вақтнинг ўзида ҳам Гонохда муаллим, ҳам Гиничутда комсорг, ҳам Хунзахда мулла бўлиши мумкин эмас. Китоб ҳам шундай. Ғоя — байроқ. Уни кўздан яшириш керак эмас. Аксинча баланд кўтариш керак, токи одамлар уни узокдан ҳам кўрсин ва унинг ортидан борсин.
— Эй! Ким сенинг сўзларинг нотўғри деса хотини талоқ бўлсин, — деди яна ҳалиги ёшроқ министр, — аммо сен байроқни одамлардан ажратиб қўйдинг. Сенингча, ғоя бошқа-ю, юрак бошқа. Сен уларни бошқа-бошқа аравага соляпсан. Нарироқ бориб бу аравалар бошқа-бошқа йўлдан кетса нима бўлади? Сенингча одам авар ҳам, доғистонлик ҳам эмас, совет кишиси бўлиши керак. Мен эсам, ўзим аварман, Доғистон фарзандиман, шу билан баробар СССР гражданиман. Бу тушунчаларда зиддият бўлмаса керак?
Олам Кремлдан бошланади. Бу маълум. Аммо мен учун дунё менинг уйимдан, менинг овулимдан ҳам бошланади. Кремль ва овулим, коммунизм ғояси ва ватан тушунчаси — булар бир қушнинг икки қаноти, бир пандурнинг икки тори.
— Шундай экан, бир гапни такрорлайверишдан нима фойда? Китобда унинг маъносига мос келадиган иккинчи ном қидириш керак.
Мен уни жуда кўп қидирдим. Ҳинди тупроғида кезиб юрганимда ҳам Доғистон тўғрисида ўйладим. Бу мамлакатнинг қадимий маданиятида, фалсафасида аллақандай сирли нидо эшитдим. Лекин Доғистонимнинг нидосида ҳеч қандай сир кўрмайман. Ахир уни дунё тинглайди. Бир вақтлар «Доғистон» деган сўзга фақат кимсасиз жарликлар акс-садо берар эди. Бугун «Доғистон» сўзи бутун мамлакат, бутун дунё узра янграмоқда, миллион қалбларда акс-садо қўзғамоқда.
Бир вақтлар Югославияда саёҳат қилиб юрганимда Адриатика денгизи бўйидаги Дубровика шаҳрида бўлган эдим. Бу шаҳарнинг кўчалари жарликка, уйлари қояларга, зина-зина бўлиб юксалган гранит чўққиларга ўхшайди.
Бутун шаҳар девор билан ўралган. Худди ўзимизнинг Дербентга ўхшайди. Девор бўйлаб баланд тош миноралар қад кўтарган. Ҳар бир минорада иккитадан тешик-шинак бор. Булар худди миноранинг ғазабкор кўзларидай тикилиб туради. Бу миноралар бир дақиқа тин олмай хизмат ўтаган фидойи муридларга ўхшайди.
Мен деворга чиқиб шинакдан денгизни томоша қилмоқчи бўлдим. Аммо шинак олдида бошқа сайёҳлар уймалашиб ётар, унга яқин боришга ҳеч имкон йўқ эди. Мен оёқ учида туриб, чўзилиб, узокдан шинакка қарадим. Кафтдек келадиган шинакдан кафтдеккина кўк нарса кўринди.
Ниҳоят мен шинакка яқинлашиб бориб, унга юзимни қўйиб қараган эдим, қаршимда поёнсиз денгиз пайдо бўлди, бутун гўзаллиги, ранглар жилоси билан Адриатика намоён бўлди. Денгизда ҳар бири бизнинг овулдай келадиган кемалар сузиб юрар эди.
Шунда мен Доғистон ҳақида ўйладим.
Ахир у ҳам мен каби узоқ вақт шинакка интилди, поёнсиз оламни кўрмоққа ҳаракат қилди. Аммо унинг ол-дида бошқа омади юришганлар турар эди. У узоқ вақт навбат кутди.
Энди у кичкина даричадан кенг оламни кўрди. Ўзи ана шу бепоён олам билан қўшилиб кетди.
Турли вақтда турли шоирлар ўзларининг Доғистон ҳақидаги тасаввурини ифода қилиш учун турли ташбиҳ қидирдилар. Дардли куйчи Маҳмуд Доғистон халқларини тоғ жилғаларига ўхшатган эди. Бу жилғалар доимо бир-бири билан қўшилиш учун интилади, аммо қўшилолмайди. У яна шундай деган эди: Доғистон халқлари торгина дарада ўсган гулларга ўхшайди. Улар бир-бирига томон эгилади, аммо бир-бирини қучолмайди.
Бугун Доғистон халқлари ягона оқим бўлиб оқаётир, битта гулдаста бўлиб жилва қилаётир.
Ботирай айтган экан: камбағал ўзининг эски пўстинини бир чеккага улоқтиргандай, табиат ҳам Доғистонни тоғу даралар орасига, кўздан нарироққа ташлабди.
Отам Доғистон тарихидан ўқиб, уни май қуйиладиган шохга ўхшатган эди. Доғистон май тўла шох каби даврада узоқ вақт қўлдан-қўлга ўтди.
Доғистоним, энди мен сени нимага ўхшатай, сен ҳақингда — сенинг тақдиринг, сенинг тарихинг ҳакида ўз хаёлларимни ифода этувчи қандай ташбиҳ топай? Балки тузукроқ ташбиҳни кейин топарман, ҳозирча шундай дейман: «Каттакон уммонга очилган кичкина дарча». Ёки қисқароқ қилиб «каттакон уммонга кичкина дарча».
Мана, ўртоқ министрлар, ёзмоқчи бўлган китобимнинг иккинчи номи. Биламан, бошқалар ҳам ўзининг юртини шундай деб аташи мумкин. Майли, булар отдош бўладилар.
Шундай қилиб папоқ — «ДОҒИСТОНИМ», унинг юлдузи — «Каттакон уммонга кичкина дарча».
Куй чалмоққа ҳозирланаётган одамдай қўлимга пандур олдим. Кашта тикмоқчи бўлгандай ипнинг учини игнага тўғриладим.
Министрларим халқаро кенгашда кун тартибини тасдиқлагандай ниҳоят китобимнинг номи ҳақида бир фикрга келдилар.
Гоҳида икки ака-ука битта отга мингашиб юради. Гоҳида эса битта йигит иккита отни суғоришга олиб боради.
АБУТОЛИБ АЙТГАН: Анови Лев Толстойникидай шляпа сотиб олибди. Ўшанақа каллани қаердан сотиб оларкин?
ДЕЙДИЛАР: Боланинг номи-ку яхши, ўзи қанақа одам бўларкин?

УШБУ КИТОБНИНГ ШАКЛИ-ШАМОЙИЛИ ВА ЁЗИЛИШИ ТЎҒРИСИДА

Қинида ётса ханжар — занг босади,
Ғафлатда ётса ўғлон — чанг босади.
Ханжардаги ёзув.

Ипни ўтказдим игнага, қандай чиқаркин тикканим,
Созни созларман ва лек қандай чиқаркин айтганим.

Учқур арғумоғимнинг такалари маҳкам. Ўзим бир-бир кўтариб туёқларининг остига қарадим. Мен унга эгар босдим, айилини тортдим. Шундай тортдимки, орасига битта бармоқ аранг сиғади. Арғумоғимнинг шайлигидан кўнглим тўқ.
Аллақаери отамга ўхшаб кетадиган бир чол жиловни қўлимга тутқизди. Оҳу кўзли қизалок қамчи узатди. Қўшни уйдан тоғ қизи кўза тўла сув кўтариб йўлимга чиқди. Сув — ёруғлик, дейдилар. У менга, йўлинг сувдай ёруғ бўлсин, демоқчи. Йўлимда учраганлар менга оқ йўл тилаб, «баҳарчи» дейди.
Овул чеккасида яна бир тоғ кизи деразага чироқ ёқиб қўйди. Бу билан қиз менга шундай демоқчи:
— Эй, узоқ йўлга отланган йигит! Сен мана шу дарчани, мана шу чироқни асло ёдингдан чиқарма. Сен қайтиб келмагунингча дарчадаги бу чироқ сўнмас. Қоронғу кечаларда машаққатли йўлингни мана шу чироқ ёритади. Узоқ сафардан толиқиб қайтганингда сени шу чироқ кутиб олади. Шу дарча-ю, шу чироқни ёдингда тут.
Сўнгги бор орқамга қайрилиб овулимга қарайман. Пастак том устида ёлғиз онам турибди. Мен узоқлашганим сари у кичраяди ва, ниҳоят, чўпдек бўлиб қолади. Қайрилишдан ўтаман. Овулим, онам юксак тоғлар ортида кўзимдан беркинади.
Ортимда ҳам, олдимда ҳам факат баланд тоғлар. Лекин бу тоғлар орқасида поёнсиз дунё бор. Овуллар, шаҳарлар, уммонлар, вокзаллар, аэродромлар бор.
Арғумоғимнинг туёғи тошлардан учқур сочади. Доғистоним йўлларидан бораман. Бошимда тоғлар тиргович бўлган осмон. Доғистон осмони. Унда гоҳ қуёш балқиб ту-ради, гоҳ юлдузлар жавлон уради, гоҳ булут кўз ёш тўкади.

Арғумоғим, тўхтагин бир дам,
Учма бундоқ монанди дулдул.
Ортда қолди меҳрибон онам,
Ортда қолди қадрдон овул.

Арғумоғим, тўхтадинг нечун,
Тўхтамоқнинг пайтимас асло.
Бизни кутар ўлкалар букун,
Бизни кутар поёнсиз дунё.

Қайга кетмоқдаман? Тўғри йўл топмоқ менга муяссар бўлармикин? Янги китобни ёзмоқ-чи?
ЕН ДАФТАРДАН. Доғистонда ҳозир ёшлар миллий кийим кийишмайди. Москвада, Тбилисида, Тошкент, Душанбе, Минскда қандай бўлса, бизда ҳам шундай — шим, галстук, калта кўйлак...
Миллий кийимни энди фақат рақс ансамблида кийишади. Баъзан тўйларда учратиш мумкин. Миллий кийим киймоқчи бўлган одам кўпинча танишидан, бирорта ўртоғидан суриштириб топади. Ё бўлмаса кирага олади. Хуллас, миллий кийим йўқолиб кетмаган бўлса ҳам аста йўқолиб бормоқда.
Лекин гап шундаки, миллий кийим баъзи шоирларнинг шеърида ҳам йўқолиб кетяпти. Улар бу билан фахрланишади ҳам.
Мен ҳам оврупоча кийинаман, отамнинг папоғини кийиб юрмайман. Лекин шеърларимни оврупоча кийинтирмайман. Истайманки, менинг шеърларим Доғистон миллий кийимида бўлсин.
Мен ўзим — нима! Борингки, юз йил яшарман. Бу юз йил ҳамма шим, пиджак кийиб, галстук тақадиган вақтга тўғри келди. Менинг иложим қанча. Лекин шеърнинг йўли бошқа. Шеър умри инсон умри билан ўлчанмайди. Унинг ўзига хос яшаш йўли бор. Мен ўз шеърларим ҳақида гапирмайман. Балки улар менинг ўзимдан узоқ яшамас.
Москвада бир қари заранг дарахтини кўрганман. Ривоятларга қараганда, уни Иван Грозний ўтқазган эмиш. Демак, бу дарахт рўдапо бояр чопонларинию, хипча камзул, ясама сочларни; қора фрак ва цилиндрлару, чарм куртка ва будёновкаларни; шалвираган иштонлару торпоча шимларни кўрган. «Майли, — деган у одамларга, — сиз билганингизни қилинг, кийимингизни истаганингизча ўзгартиринг. Лекин менинг вазифам бошқа. Мен қуёш шуъласини эмиб, уни заранг ёғочга айлантираман. Бу шуълани илдизларимга узатаман, улардан ўзимкаби умри боқий заранглар ўсиб чиқади».
Тоғликларда бир гап бор. Одамни кийим одам қилади, баҳодирни от баҳодир қилади, дейдилар. Бу мақол ўзи чиройли бўлса ҳам, адолатли эмасга ўхшайди. Негаки, баҳодир одам доим йўлбарс терисини ёпиниб юрмайди. Баъзан темир дубулға остида қўрқоқ калла, пўлат совутнинг ичида олчоқ юрак бўлиши мумкин.
НЕГАКИ, мен сиртига қараб танлаган тарвузларим неча марта оппоқ чиқиб шарманда қилган.
НЕГАКИ, унцукуллик бир ошиқ ўз маъшуқасини пўстинига ўраб олиб қочгану, келиб пўстинни очса, ичидан оғзида битта ҳам тиши йўқ кампир чиққан. Шўрлик қоронғуда маъшуқасининг бувисини олиб қочган экан.
Абутолиб менга бир воқеани айтиб берган эди. Кунлардан бир кун Абутолиб узоқ овулга тўйга айтилибди. Айтган жойдан қолма, дегандек, Абутолиб зурнасини қўлтиқлаб ҳалиги овулга борибди. Уч кеча, уч кундуз тўй бўлибди. Уч кеча, уч кундуз_ ноғора базм қизибди. Абуто-либ зурнаси ҳам тинмабди. Ўйинга тортилмаган одам қолмабди.
Ниҳоят, учинчи кун тўйбоши ўйин навбатини келин билан куёвга берибди. Куёвнику ҳамма кўрган, билади. Келин уч кундан бери рўмол ичида ҳеч кимга кўринмагани учун ҳамманинг кўзи унда. Абутолиб ҳамуч кундан бери келиннинг чиройли кийимига, зебу зийнатларига маҳлиё бўлиб зурначалар экан. Келиннинг ўзи ҳам бамисоли Кавказ шеърияти анталогиясидай башанг кийинворган экан-да.
Мана, келин ўртага чиқибди. Уч кеча, уч кундуз тинмай илҳом билан зурна чалган Абутолиб не кўз билан кўрсинки, келиннинг кўполлиги нақ... Гослитиздатда нашр этилган қирғиз эпоси «Манас»дай экан. «Париваш» юздан ниқобини кўтарибди. Паривашнинг бир кўзи Хунзахга қараса, иккинчиси Ботлихга боқармиш, бу икки «хумор» кўзлар ўртасида курка товуқнинг тумшуғидай узун бурун ликиллаб осилиб турганмиш.
Абутолибнинг нафаси ичига тушиб кетибди, оғзига олгани томоғидан ўтмай қолибди. Зурнасини қўлтиқлаб жуфтакни ростлабди.
Абутолибнинг бу ҳикоясида лоп ҳам бор, албатта.
ЛЕКИН ХАРҚАЛАЙ, чиройли муқова ёмон китобнинг жонига ора киролмайди. Унга тўғри баҳо бериш учун юзидан ниқобини олиб ташлаш керак.
Бир йили тоғлик хотин-қизларнинг аҳволи масаласи кун тартибидаги «бош» масала бўлиб қолди.
Ўша йили шўрлик эр хотинига бир сўз айтолмас, овқатингга туз солмабсан деса, эртасига райкомда ҳайфсан олар эди. Халқ ичида ҳар хил гап бўлмаслиги учун даставвал райком ходимларининг ўзига биттадан ҳайфсан эълон килишди. Ўша йили бўлса-бўлмаса хотин-қизларни йиғиб қурултой ўтказишарди. Бу қурултойларда шунчалар кўп гап айтилдики, тарих бунақа бийрон нотиқларни кўрган эмас.
Ўша йили якшанба бозорида ман этилган молларни сотувчи новча бир аёл пайдо бўлди. Милиционер уни ушлашга қўрқар, хотин-қизларнинг озодлиги ва тенг ҳуқуқлилигига «рахна солиш»дан ҳайиқар эди. Шундай қилиб, милиционер индамас, ҳалиги аёл савдогарчилигини қўймас эди. Охири учинчи якшанба милиционернинг ҳам тоқати тоқ бўлди. Нима бўлса бўлди, деб ҳалиги аёлни ушлаб мили-цияга олиб келди.
Милиционер ҳалиги аёлни бозордан олиб кетар экан, ҳамма ҳайрон эди. Бу милиционер қандай юрак ютиб «озод тоғ аёлининг эркини поймол этишга» журъат қилди, дейишарди.
Милиционер бозорда яхши қарамаган экан. Тўғри йўлга чиққанда разм солса аёлнинг узун кўйлаги этагидан каттакон этикнинг учи кўриниб турар эди.
«Бунинг бир балоси бор», — деди милиционер ва аёлнинг юзидан ниқобни олиб ташлади. Кўрсаки, шоп мўйлови, ола кўз, давангидай эркак...
Баъзи санъаткорлар ҳам ўз молларини ўтказиш учун ўзгаларнинг кийимини кийиб юришади. Зоҳирдаги ялтироқлик билан ўзларининг маънавий қашшоқликларини яширмоқчи бўладилар. Аммо қоринда ҳеч вақо бўлмаса папоқни дол кийгандан нима фойда!
ХУДДИ ШУНДАЙ, ханжар қанчалик чиройли бўлмасин, агар у ёғочдан ясалган бўлса жўжани сўйишга ҳам ярамайди.
ХУДДИ ШУНДАЙ, қўғирчоқларни уйлантирган би-лан, улардан бола туғилмайди.
ХУДДИ ШУНДАЙ, болани суннатга ётқизганда унга ўрдакнинг патини кўрсатишади. Албатта ўрдакнинг пати кесмайди. Бу фақат болани алдаш учун. Ҳақиқатда, ўткир устара керак.
Лекин китобхон бола эмас. Мен ҳамартист эмасманки, ёнимда ёғоч ханжар олиб юрсам. Қини ҳарқанча музайян бўлмасин ёғоч — ёғоч-да.
АЛБАТТА, қин ҳам керак. Қинсиз ханжар занглаб қолади. Қин чиройли бўлса яна ҳам яхши.
АЛБАТТА, жангчи йигит босқиндан қўни-қўнжи тўлиб қайтганда хотини отнинг бўйнига шоҳи рўмол ташлайди.
АЛБАТТА, йўл ёмон бўлса ҳарқанақа мустаҳкам арава ҳам шалоғи чиқиб ярим йўлда қолиб кетади, ҳатто жарга юмалаб кетиши мумкин.
АЛБАТТА, арғумоққа эшакнинг тўқимини ёпиб бўлмайди. Арғумоқнинг эгари эшакка ярашмайди.
Шу ўринда мен сизга балхорлик чол ва унинг қирчанғиси ҳақида ҳикоя айтиб бераман.

БАЛХОРЛИК ЧОЛ ВА УНИНГ ҚИРЧАНҒИСИ ТЎҒРИСИДА ҲИКОЯ

Балхорлик чол бир куни ўзининг ориқ қирчанғи отига сопол кўза ва кўзачаларини ортиб харидор қидириб йўлга чиқибди.
Авар овулида ўша куни пойга бўлаётган экан. Пойгага узоқ-яқин овулдан эпчил йигитлар учқур отларини миниб келган экан. Йигитлар келишган ва баҳодир, отлари ҳамсу-лув ва оташнафас экан.
Чавандозлар энди бир қаторга тизилмоқчи бўлиб турганда майдонга ҳалиги балхорлик чол қирчанғисини миниб кириб қолибди. Шилпиқ от устида мудраб келаётган чолни кўриб йигитлар эрмак қилиша бошлабди.
— Ҳой, биз билан чопишмайсанми?
— Кел, отахон, сенинг қирчанғингни арғумоқлар рўйхатига ёзиб қўямиз!
— Майли, куч синашиб кўрсин, орзуга айб йўқ!
— Орқада тақа териб юришга ҳам одам керак-ку! Балхорлик чол бу гапларга жавобан индамай отидан кўза ва кўзачаларини тушираверибди. Молини бир жойга уйиб қўйибди-да, оҳиста отга миниб йигитлар қаторидан жой олибди.
Бошқа чавандозларнинг оти турган ерида пишқириб, ер тепиб турса, балхорликнинг оти жимгина бош солиб» мудраб турармиш.
Пойга бошланибди. Учқур отлар шамолдай учиб кетибди. Туёқларидан тўзон кўтарилибди. Тўзон кетидан, ҳаммадан ортда балхорликнинг оти йўлга чиқибди. Отлар биринчи, сўнг иккинчи, учинчи даврани чопиб ўтибди. Ҳалиги пишқириб оғзидан кўпик сочган отлар жиққа терга тушиб, мадори кета бошлабди. Чавандозлар ҳар қанча қамчиламасин, уларнинг тезлиги борган сари пасаяверибди. Балхорлик чолнинг қирчанғиси бўлса, тезлигини на оширмай, на пасайтирмай бир текисда югурар экан. У аввал орқада қолган отларни қувиб етибди, сўнг олдингилари билан бара-варлашибди. Охирги ўнинчи даврада энг олдингисини ҳам қувиб ўтибди ва маррага биринчи бўлиб келибди.
Балхорликнинг қирчанғиси бўйнига ғолиблик нишони бўлган шоҳи рўмол ташланибди. Чол бўлса индамай отини етаклаб кўза ва кўзачалари олдига олиб келибди ва молларини ортиб йўлида давом этибди.
Пойгада бундай воқеалар бўлиб туради. Адабиётда ҳам.
ЁН ДАФТАРДАН. Шеър осон ёзилса, қийин ўкилади. Аксинча, қийналиб ёзилган шеърни ўқиш осон бўлади. Мазмун ва шакл — инсон ва унинг кийими. Агар инсон чиндан оқил, хушфеъл, чиройли бўлса, нега энди ўзига лойиқ кўркам кийинмасин? Чиройли кўриниши бор одам, нега энди чиройли фикрларга эга бўлмасин?
Чиройли хотинлар кўпинча ақлсиз бўлади ва, аксинча, ақли тўлиқ хотинлар хунук бўлади.
Лекин шундай бахтли аёллар ҳам борки, уларда ҳам ҳусн мукаммал, ҳамақл равшан. Чинакам иқтидорли шоирларнинг китобини ана ўшанақа аёлларга ўхшатиш мумкин.
МААЛИДАН ЧИҚҚАН БИР ДОНИШМАНД АЙТГАН. «Овулимизга келаётган одам довонда кўриниши билан унинг яхши ёки ёмон одамлигини биламан».
КУБАЧИДАН ЧИҚҚАН БОШҚА ДОНИШМАНД АЙТГАН. «Олтин билан кумушнинг ўзи ҳеч нарса эмас. Муҳими устасининг қўли олтин бўлсин».

Энг соз, мунаққаш кўза
Оддий лойдан ясалур.
Шундай, энг оддий сўзлар —
Бирикиб шеър яралур.
Кўзадаги ёзув.

Мен ёруғ дунёда ўн беш минг кундан кўпроқ яшадим. Минглаб чақирим йўлларни ўтдим, минглаб одамларни кўрдим. Таассуротларим худди баҳор тошқинида оқиб тушган жилғалардай беҳисоб. Китоб ёзиш учун мен бу жилғаларни бир катта оқимга бирлаштиришим керак. Бунинг учун нима қилишим керак? Ҳаёт мактабидан бошқа яна қандай мактабни ўтишим керак? Адабиёт назариясини ўрганайми? Ахир, шеърни қандай ёзишни ўйлагандан кўра шеърнинг ўзини ёзган маъқул эмасми?
Айтмоқчиманки, адабиётда мен севадиган оқимёки мактаб йўқ, мен севадиган ёзувчи ва шоирлар бор.
ЁН ДАФТАРДАН. Адабиёт институтида бир авар йигитига домласи шундай савол берибди: реализм билан романтизмнинг фарқи нима? Студент бу ҳақда китобларда ёзилган гапни билмас экан шекилли, ўйлаб туриб шундай дебди:
— Бургутни бургут деса реализм бўлади, хўрозни бургут деса романтизм бўлади.
Домла роса кулибди ва элатдошимга зачёт қўйиб берибди.
Ўзим ҳақимда шуни айтмоқчиманки, мен адабиётга қадам қўйган кунимдан бошлаб отни от, эшакни эшак, хўрозни хўроз, йигитни йигит дейишга ўргандим.
ЁН ДАФТАРДАН. Робиндранат Тагорнинг акаси ҳам ёзувчи бўлиб, у ҳинд адабиётининг бенгал мактабига мансуб экан. Робиндранат эса ўзи бир мактаб эди.
Робиндранатнинг қалбида жаҳонда монанди йўқ бир қуш ошиён қурган эди. У бу қушни санъат осмонига учирди ва ҳаммани лол қолдирди. Чунки бу қуш фақат унинг, Робиндранат Тагорнинг қуши эди.
Агар санъаткор учирган қуш бошқа қушларнинг галасига қўшилиб, улар ичида йўқ бўлиб кетса, демак, санъаткор ҳақиқий санъаткор эмас. Демак, унинг қуши ҳумоюн эмас, оддий чумчуқ.
Эркак кишининг ўз ўчоғи ва ўз олови бўлади. Бировнинг ўчоғига тиқилишган одам эртами, кечми бу ўчоқни тарк этиши керак. Бировларнинг отига мингашманг, фақат ўз отингизни мининг.
Адабиёт пандурга ўхшайди, ёзувчилар эса бу пандурнинг торлари. Ҳар битта тор ўз садосига эга. Торлар қўшилиб оҳанг пайдо қилади.
Авар пандурининг икки тори бўлади. Отамни авар адабиётининг пандурига учинчи тор қўшган дейишар эди.
Мен хам бу пандурга бир тор бўлишни, ўз садосига эга бўлган тор бўлишни истайман.
Бозордан кийик сотиб олиб, ўзимотдим, дейдиган овчиларга ўхшамасам дейман.
БАЪЗАН ШУНДАЙ БЎЛАДИ: анави жарликда бир овчи кийик отибди, деган овоза тарқалади. Бошқа овчилар ҳам ёпирилиб ўша жарликка келади. Бу пайт ҳалиги овчи бошқа жарликда айик уради. Овчилар энди бу жарликка югуради. Улар бу ерда уймаланишиб турганда овчи бошқа жарликда қоплоннинг изига тушган бўлади... Энди айтинг, ҳақиқий овчи ким, ўзи мустақил ов қидирганми, ёки бировларнинг кетидан югуриб юрганми? Бунақалар бировнинг қопқонига илинган овни ўғирлашдан ҳам тап тортмайдилар.
Булар менга баъзи ёзувчиларни эслатади. Менинг бир танишим Корней Иванович Чуковский билан танишгандан кейин Абутолибни билмаганликка олди. Бунақа бўлиш яхши эмас.
Ирмоқ денгизга етиб борганда ҳам, бу мовий кенглик билан қўшилганда ҳам, ўзи туғилган тоғ орасидаги тиниқ чашмани, ўзи босиб ўтган нотекис, кийин йўлни унутмаслиги керак.
Ҳа, мен тоғ ирмоғиман. Мен ўз манбаимни, ўз чашмамни севаман. Мен ўша кимсасиз, қоронғу жарликларни севаман. Чунки улардан оқиб ўтганман. Мен юксак қояларни севаман. Чунки улардан қайноқ шалола бўлиб отилганман.
Лекин бу менга фақат жарликлар бўлса бас, деганим эмас. Мен окар эканман, демак, менинг қаршимда денгиз бор. Бу денгизнинг поёнсиз кенглигини ҳис қилибгина эмас, кўзим билан кўриб турибман.
Биргина мен эмас. Бутун Доғистон учун кейинги бир неча ўн йил ичида олам ниҳоятда кенгайди. Бу давр ичида факат мозоримиз эмас, дунё ҳақидаги тасаввуримиз ҳам кенгайди.
Мен авар шоириман. Лекин ўзимни фақат Аваристон ёки Доғистон олдида эмас, бутун мамлакатим олдида, балки бутун дунё олдида бурчли сезаман. Йигирманчи асрда бундан бошқача бўлиши мумкинми?
ЁШЛИКДА ЭШИТГАНИМ. Мен дунёга келганимдан сўнг кўп ўтмай отам хизмат юзасидан Арадерих овулига бориб турган, кейинроқ бизни ҳамкўчириб олиб кетган экан. Оиламизнинг бор мулки битта хуржинга жо бўлиб, унинг бир кўзида кийим-кечак, озиқ-овқат, товоқ-қошиқ ва китоблар, иккинчи кўзида мен эканман.
Онам йўл толиқтириб оғриб қолибди. Менинг толеимга биз кўчиб борган овулда яқинда чақалоғи ўлган ёлриз муштипар она бор экан. Ўша менга сийнасидан сут бериб боқибди. Шундай қилиб арадерихлик аёл менинг энагам, иккинчи онам бўлган экан.
Мен ҳаётим учун икки аёл олдида бурчлиман. Бу икки онам учун нимаики қилсам кам. Фарзандлик қарзимни узиш учун умрим етармикин?
Буларнинг бири мени дунёга келтирган, бешигим устида тун кечалар бедор алла айтган. Иккинчиси мен ўлимга маҳкум бўлганимда ўзининг ҳаётбахш сийнасини тутган, сут эмас, об-ҳаёт берган, мени ўлим сўқмоғидан олиб тириклик йўлига қўйган.
Халқимнинг ҳам, бу кичкина ватанимнинг ҳам, ёзган ҳар бир китобимнинг ҳам икки онаси бор.
Биринчи она — жонажон Доғистоним. Мен шу ерда туғилдим, шу ерда биринчи бор ўз она тилимда сўз эшитдим. Бу сўз менинг вужудимга ва қонимга сингди. Бу ерда мен ўз она тилимда биринчи қўшиқни эшитдим. Ўзим биринчи қўшиғимни айтдим. Бу ерда мен ноннинг таъмини, сувнинг мазасини билдим. Тоғ тошлари оёқларимни қонатди, тоғ ирмоқлари жароҳатларимни ювиб, тоғ гиёҳлари шифо бағишлади. Тоғликларда бир гап бор: оламда дард йўқки, тоғ гиёҳларидан дармон топмасин.
Менинг иккинчи онам— буюк Россия, менинг иккинчи онам — Москва. У менга тарбия берди, кенг ҳаёт йўлига олиб чиқди, учмоққа қанот берди. Менга буюк оламнинг жамолини очди.
Мен иккала онам олдида мангу қарздорман. Менинг кулбам деворида Маҳмуд ва Пушкиннинг сурати осиғлиқ. Петербургнинг оқ ойдин кечалари нафасини уфурган Блок китоби ичида авар тоғларидан терганим хушбўй чечакларнинг аллақанчаси бор.
Менинг икки онам — икки қанотим, икки қўлим, икки кўрар кўзим, икки қўшиғим. Иккала онам менинг бошимни силади, керак бўлганда қулоғимни чўзди. Иккала онам менинг пандуримга тор боғлади, ҳар бири биттадан тор берди. Улар мени елкаларига олиб баланд кўтардилар ва мен бу юксакдан поёнсиз оламни кўрдим. Бургутга қайси қаноти азиз? Иккаласи ҳам. Менга кайси онам табаррук? Иккаласи ҳам.
Илгари тоғликлар барча дардини сув ва гиёҳ билан даволаган. Улар табибларга ишонган. Лекин шунақа табиблар ҳам бор эдики, улар ҳақида ҳамон халқ кулиб гапиради. Бу табиблар бош оғриғини қолдириш учун қора қўчқор сўйдирар эди.
Ҳамма биладики, қора кўчқорнинг гўшти бошқа қўйларнинг гўштидан хушбўй ва хуштаъм бўлади. Табиб касалнинг бошини қўчқор терисига ўраб ўтқизиб кўяди-да, гўштини қия қилиб жўнар эди.
Бунақа табибларни гапириб ўтирмаймиз. Халқнинг ҳақиқий табиблари, ҳакимлари ҳам бор эди, албатта.
Отам Москвада, Кремль шифохонасида ётар эди. У бир куни Доғистоннинг суви ва гиёҳларини эслаб, Буцрах чўққисидаги кичкина булокдан сув келтиришимизни сўради.
Отамнинг сўзи ўғил учун қонун. Доғистонга келиб Буцрах чўққисига тирмашиб, кўп қийинчиликлар билан отам айтган булоқни топдим.
Отам булоқ сувини ичиб анча енгил тортди. Булоқ суви сабаб бўлдими, ё ўша кундан бошлаб тайин қилишган чет эл дориси сабаб бўлдими, ҳар қалай отам соғайиб кетди.
Балки у чет элнинг донишманд ҳакимлари топган дорининг ўзидан тузалмас. Балки у авар тоғларидаги булоқ сувининг ўзидан ҳамшифо тополмасди. Лекин буларнинг иккаласи кўшилдию отамнинг дардига малҳам бўлди.
Адабиётда ҳам шундай бўлиши керак. Адабиётнинг манбаи — она диёр, она халқ, она тил. Лекин ҳақикий ёзувчининг онги букун ўз миллий доирасидан анча кенг. Унинг онгида, унинг қалбида умуминсоний ўйлар ва туйғулар туғён қилади.

Йўлга чиққан ҳар одам
Куруқ чиқмас бегумон.
Нон олади, шароб ҳам.
Аммо азиз эй меҳмон,
Тоғларга йўл шутсанг гар
Кел хуржинни тўлдирмай.
Тоғ дилбари нон ёпар,
Тоғ йигити тутар май.

Йўлга чиққан ҳар одам
Қуруқ чиқмас бегумон.
Олар ўткир ханжар ҳам.
Аммо, азиз эй меҳмон,
Ханжар тутма қўлингга,
Ханжар сенга на даркор?
Душман чиқса йўлингга
Бил, тоғликда ханжар бор.

Йўлга чиққан ҳар одам
Қуруқ чиқмас бегумон.
Олар йўлга қўшиқ ҳам.
Эшит, азиз эй меҳмон,
Соз қўшиққа бой бу эл,
Куйлар бизда кўп, аммо —
Кўшиғингни олиб кел,
Кўшиқ керак доимо.

Ёзувчи — ҳакими хозиқ. У халқнинг асрлар давомида фойдаланган гиёҳлари, дори-дармонларидан ҳам, жаҳоний илмнинг энг сўнгги кашфиёти бўлган муолажа воситаларидан ҳам баҳраманд бўлмоғи керак.
Ёзувчи — сафарга чиққан йўлчи. У ўзга юртларга йўл олар экан, қалбида ўз диёрининг қўшиқларини олиб бормоғи ва, шу билан бирга, юрагидан ўзга халқнинг қўшиқларига ҳам жой топомоғи керак.
Бир халқ уни кузатади, бошқа халқ қаршилайди. Аммо ҳар бир халқнинг ўз қўшиғи бор.
Овулларимизга дастлаб лекторлар, докладчилар келган пайтларда Келаб овулида хотинлар номаҳрам юзимизни кўрмасин, деб саҳнага орқа қилиб ўтиришар эди. Лектордан кейин саҳнага хонанда чиқиб қўшиқ бошлагач, ҳалиги хотинлар қўшиққа ҳурмат юзасидан ўнгланиб ўтиришар, ҳатто юзларидан ниқобни ҳам олишар эди.
Онам бешигим устида айтган қўшиқ бирор кун, бирор лаҳза қулоғимдан нари кетмайди. Бу қўшиқ ҳамма қўшиқларимнинг бешиги. Бу қўшиқ мен ҳорғин бошимни қўйгувчи ёстиғим, мени жаҳон бўйлаб кездиргувчи арғумоғим. Бу кўшиқ ташна лабларим интилган чашмам, менинг вужудимга ҳарорат бергувчи ўчоғим.
Лекин шу билан бирга Шукум деган болага ўхшамоқчи ҳам эмасман. Шукум деган бола тайлокдай бўлиб онасини эмар экан. Бунақа болаларни бизда «ҳўкиз гавда, бузоқ фаҳм» дейишарди.
Бизнинг давримизда нима кўп — анкета кўп. Умрим давомида неча юзлаб анкета тўлдирганман. Лекин бирорта анкетада «Ватанингни севасанми» деган савол йўқ.
Анкетага «СССР гражданиман» деб ёзишнинг ўзи етмайди, граждан бўлиш керак. Анкетага «КПСС аъзосиман» деб ёзиш камлик қилади. КПСС аъзоси бўлиш керак. «Она тилим — аварча» деб ёзишнинг ўзи оз, бу тил онадай азиз ва муқаддас бўлмоғи керак. Мард бўлиб, она тилга содиқ қолмоқ керак.
Турли эл ўғлонлари, менинг уйимда меҳмон бўлинг, ўз қўшиқларингизни олиб келинг. Ака бўлиб, сингил бўлиб келинг. Қалбимда ҳаммангизга ўрин бор.
Илгарилари Хунзахга қайтган йигит бошқа миллат қизини отига мингаштириб келса одамлар унга нафрат билан қарар эдилар. Ҳозир бунга ўрганиб қолишган. Авар йи-гитининг бошқа халқ қизларига уйланиши бугун айб эмас. Фақат битта никоҳ, яъни севгисиз нигоҳ айб саналади.
Гулдаста қанча кўп хил гулдан йиғилса, шунча чиройли бўлади. Юлдуз қанча кўп бўлса, осмон шунча ёруғ бўлади. Камалак оламда бор бўлган ҳамма нурларни ўзига жамлагани билан гўзал.
Африкада мен ажойиб бир гулни кўрдим. Унинг ҳар бир гулбарги ўзгача рангда, ўзгача бўй таратади. Бундай караганда тайёр гулдастанинг ўзи, лекин у битта гул.
Истардимки, аварча ёзилган бу китобим ўша ажойиб Африка гулига ўхшасин. Ҳар бир халқ ундан ўзига яқин, кўнглига манзур рангни топа олсин.
Китоб ёзиш учун нима керак бўлса, ҳаммаси менинг қошимда. Кубачининг устасидай ҳамма ускунам муҳайё. Устанинг олдида кумуш, тилла, аррача, болғача, андазалар туради. Менинг олдимда — она тилим, ҳаётий тажрибам, одамлар сиймоси, табиати, қўшиқлар оҳанги, тарих мактаби, келажак туйғуси, севгим, юртим жамоли, отам хотираси, халқимнинг кечаги куни ва эртаси... булар менинг тиллаларим. Аммо менинг қўлим ҳам олтинмикан? Иқтидорим ва қобилиятим етармикин?
Қандай қилсам қўшиқларим сизга кафтдан учирилган қушдай етиб боради. Қандай қилсам, қўшиқларим қалбин-гизга ўз уйига киргандай кириб боради, кўнглингизни севги ва севинчга тўлдиради?
Ускуналаримни яна бир бор кўздан кечираман.
ДЕЙДИЛАРКИ, оти йўқ йигитнинг хотини талоқ бўлсин.
ЯНА ДЕЙДИЛАРКИ, отга урадиган эгари, савайдиган қамчиси бўлмаган йигитнинг ҳамхотини талоқ бўлсин.
ДЕЙДИЛАРКИ, бургутга хашак, эшакка гўшт берманг.
ДЕЙДИЛАРКИ, девори бақувват бўлмаса келишган иморатлар ҳам йиқилади.
ДЕЙДИЛАРКИ, товуқ тушида бургут бўлганмиш, — қоядан парвоз этаман деб қанотидан айрилибди.
Ирмоқча тушида дарё бўлганмиш, қумликка тошиб чиқибдию, ўша ернинг ўзида қуриб қолибди.

ТИЛ

Фақат йиғлар, фақат кулар чақалоқ,
Сабабин бировга айтолмас бироқ.
Аммо айтиб берар вақт келиб бир кун
Ўзи ким, дунёга келган не учун,
Бешикдаги ёзув.

Дунёда сўз бўлмаганда, у ҳозиргидай
баркамол бўлмас эди.
Дунё яралишидан юз йил аввал шоир туғилган.
Тилни билмай шеър ёзишга жазм қилган шоир
сузишни билмай дарёга тушган тентакка ўхшайди.

Баъзилар миясига фикр келгани учун эмас, тили қичигани учун гапиришади. Баъзи шоирлар кўнглида бирор ҳис туғилгани учун эмас, балки... ким билади, нима учун шеър ёзишади? Уларнинг шеъри тери қопга солинган пуч ёнғоқдай шақиллашдан бошқага ярамайди.
Бундай одамлар бош кўтариб атрофга қарамайди. Дунёда нима гаплар бўляпти, одамлар нима билан яшаяпти, олам қандай қўшиқларга, қандай оҳанг ва куйларга қулоқ тутяпти — бу билан уларнинг иши йўқ.
Одамзодга иккита кўз, иккита кулоқ, фақат битта тил берилган. Бир марта сўзламоқдан олдин икки марта кўрмоқ ва икки марта эшитмоқ керак.
Ўз ҳолича сўз йўқ. У ё қарғиш, ё олқиш, ё роҳат, ё азоб, ё гул, ё тупроқ, ё ҳақиқат, ё бўҳтон, ё нур, ё зулмат бўлади.

Халқимда азалдан бор шундай масал:
Сўз билан яралган, дейдилар дунё.
Бу сўз амр эдими ва ёки қасам,
Ёки лаънатмиди ёинки дуо?

Майли, дунё учун умримиз фидо,
Унинг кўксида-чи, сонсиз жароҳат.
Шундай бир сўз беринг, лаънатми, дуо,
Ё қасам. Дунёни қутқорсин фақат.

Менинг бир ошнам шундай дерди: айтадиган сўзимга ўзим хўжайинман. Сўзимда туриш, турмаслик ҳам ўзимнинг ишим. Балки ошнам учун бу гап кетар, лекин ёзувчи ўз сўзининг ҳақиқий эгаси бўлмоғи керак. Лаънатининг ҳам, қасамининг ҳам эгаси бўлмоғи керак. Ёзувчи бир иш устида икки марта қасамичмайди. Умуман, қасамхўрдан яхшилик чиқмайди.
Бу китобим гилам бўлса, мен уни авар тилининг рангин ипакларидан тўқийман, китобим пўстин бўлса, мен уни она тилимнинг чайир ипи билан тикаман.
Қадимда авар тили жуда қашшоқ бўлиб, саноқли сўзлардан иборат экан. Масалан, «ҳаёт», «озодлик», «мардлик», «дўстлик», «эзгулик» сингари тушунчалар битта сўз билан ифода қилинар экан. Майли, бошқалар менинг она тилимни камбағал десин, лекин мен айтмоқчи бўлган гапимни ўз тилимда айта оламан. Фикримни, ҳис-туйғуларимни ифода қилиш учун бошқа тилдан сўз қидирмай-ман.
Доғистонда лак деган кичик бир халқ бор. Лак тилида эллик мингга яқин одам гапиради. Аниғини айтиш қийин, чунки ҳали она тилини ўрганмаган гўдаклар ҳам, отасининг тилини унутган катталар ҳам бор.
Лаклар ўзи кичкина халқ бўлса ҳам уларни дунёнинг хамма бурчагида учратиш мумкин. Тошлоқ ернинг унумсизлиги уларнинг жаҳон бўйлаб саргардон бўлишига сабаб бўлган. Уларнинг ҳаммаси ажойиб ҳунарманд одамлар бўлган; бири косиб, бири заргар, бири мисгар, бир хиллари қўшиқ айтиб дунё кезиб юрган. Доғистонликларда бир гап бор: «Тарвуз сўйсанг, эҳтиёт бўлиб сўй, ичидан лак чиқиб қолмасин», дейишади.
ДЕЙДИЛАРКИ, Москвадами, Ленинграддами, хуллас, катта шаҳарлардан бирида сайр қилиб юрган бир лак Доғистон кийимидаги одамга дуч келиб қолибди. Юртдошини учратганидан севиниб, икки оғиз гаплашмоқчи бўлибди-да, ҳалиги доғистонликнинг олдига келиб, лак тилида салом берибди, доғистонлик бош тебратиб тураверибди. Лак қўмиқча, татча, лазгича гапириб кўрибди. Лекин ҳамюрти бир оғиз сўзини ҳам тушунмабди. Охири русчага кўчишибди. Маълум бўлишича, ҳалиги доғистонлик авар экан. Авар лакни сўкиб кетибди:
— Аварчани билмасанг, қанақа доғистонлик бўлдинг? Сен доғистонлик эмас, бефаҳм туя экансан.
Мен бу баҳсда ўз элатимни ёқламайман. Бечора лакни бунчалик хафа қилиш ноўрин. Негаки, доғистонликларнинг ҳаммаси аварчани билиши шарт эмас. Муҳими — ўз она тилини билсин. Лак ҳам ўз тилини билган. Бунинг устига яна бир-икки доғистон тилларида ҳам гапирган. Ваҳоланки, авар у тилларнинг бирортасига ҳам тушунмаган.
АБУТОЛИБ Москвада меҳмон бўлиб турган вақти экан. Бир куни кўчада ниманидир сўрамоқчи бўлиб бир йўловчини тўхтатибди. Ҳарқалай, чайқов бозорини суриштирмоқчи бўлгандир. Абутолиб тўхтатган ҳалиги одам инглиз экан. Москва кўчаларида чет эллик оз дейсизми.
Инглиз Абутолибнинг сўзига тушунмай, олдин инглизча, кейин французча, кейин испанча, кейин немисча қилиб нима демоқчилигини сўрабди.
Абутолиб ҳам унга аввал русча, кейин лакча, кейин аварча, кейин лазгича, кейин дарғинча, кейин қўмиқча қилиб тушунтирмоқчи бўлибди.
Хуллас, иккаласи ҳам бир-бирини тушунмай хайрлашишибди. Бу воқеани эшитиб, инглизча тўртта сўзни биладиган ўта маданиятли бир ўртоқ Абутолибга таъна қилиб шундай дебди:
— Мана кўрдингми, Абутолиб, бироз маданийроқ бўлганингда инглиз билан гаплаша олган бўлардинг.
— Тўғри, — дебди Абутолиб — лекин инглиз маданиятли бўлса нега мен гапирган шунча тилдан биттасини ҳам тушунмади?
Тилларни осмондаги юлдузларга ўхшатаман. Бу юлдузларнинг ҳаммаси кўшилиб баҳайбат бир юлдуз бўлишини сира истамасдим. Осмонга битта қуёш, битта ой етади. Юлдузлар ўз жилваси билан гўзал. Ҳар бир инсоннинг ўз юлдузи бўлсин.
Менинг юлдузим — ўз она тилим, авар тили. Мен уни севаман. Кичкина тоғда ҳам катта олтин кони бўлади, дей-диган геологларга ишонаман.
Тоғлик хотинлар бир бирини жуда қаттиқ қарғаганда:
Илойим болаларинг она тилидан жудо бўлсин, — дейишади.
ҚАРҒИШ ТЎҒРИСИДА. «Тоғ қизи» деган достонимни ёзаётган кезларим эди. Достонда бир хотиннинг қарғишини ишлатадиган ўрни келиб қолди. Бир-иккитаси менга узоқ бир овулда яшайдиган хотиннинг дарагини айтишди. «Бу атрофда унга етказиб қарғайдиган хотин зоти йўқ, — дейишди. — Ҳар қанча қарғиш керак бўлса ўшандан ёзиб оласан».
Бордим. Баҳор пайти эди. Ҳаммаёқ кўкаламзор, табиатда ажойиб беғуборлик. Бундай пайтда қарғиш эмас, фақат ширин сўз эшитгинг келади. Ҳалиги хотиннинг уйини топиб кирдим. Мақсадимни айтдим, «Зўр қарғиш топиб беринг», дедим.
— Тилгинанг кесилсин сани! Дунёдан яхши кўрганингнинг номини билмай ўт! Одам боласи гапингга тушунмасин! Узоқдан келганда юртига саломсиз киргур! Тишларинг тўкилиб оғзингга шамол кириб ҳуштак чиқсин!.. Шағалвачча, дунёда кулгу кўрмагур! Мен қандай қилиб хурсанд бўлмасам куламану, уйимдан ўлик чиқмаса йиғлайман? Мени ҳеч ким хафа қилмаса бекордан бекорга нега қарғар эканман? Сенга қарғиш керак бўлса жаҳлим чиққанда кел. Тур, йўқол, кўзимга кўринма!
Раҳмат опажон, — дедиму туриб жўнадим.
Йўлда келар эканман ўзимча ўйлардим: «Бу хотин агар жаҳли чиқмаганда шунақа қарғаса, жаҳли чиққанда унга йўлиқишдан худо ўзи асрасин»
Ўйлайманки, вақт келиб бирорта фольклорчи тоғлик хотинларнинг қарғишини тўплаб китоб қилар. Ана ўшанда тоғлик хотинларнинг зукколиги, топағонлиги, ўткирлиги яққол кўринади-қўяди. Тилимизнинг бойлиги ҳам юзага чиқади.
Ҳар овулнинг ўз қарғиши бор. Ҳеч ким тоғликнинг қарғишига йўлиқмасин. Битта қарғиш қўл-оёғингизга кишан солиб тупроққа ташласа, бошқаси тупрокдан олиб тобутга солади. Учинчиси кўзингизнинг астар-пахтасини ағдаради, тўртинчиси кўзингизни иритиб ош еб турган косангизга оқизади. Кўз устида айтиладиган қарғиш қарғишларнинг энг даҳшатлиси ҳисобланади. Лекин ундан ҳам зўрроқ қарғиш бор. Бир овулда хотиннинг қарғашиб турганини кўрганман.
— Илойим болаларинг тил ўргатадиганидан жудо бўлсин!
— Илойим болаларинг тил ўрганадиганидан жудо бўлсин!
Мана шунақа ваҳимали қарғишлар ҳам бўлади.
ЁН ДАФТАРДАН. Парижда доғистонлик рассомни учратиб қолдим. Бу одам инқилобдан кейин кўп ўтмай Италияга кетиб қолган, ўша ерда итальян қизга уйланиб қолиб кетган экан... Тоғлиқ юртнинг урф-одатларига ўрганган рассом бегона ерга кўника олмабди. Жаҳон кезиш бошланибди. Лекин қайга бормасин она юрт соғинчи уни тарк этмабди. Мен бу соғинчнинг ифодасини кўрмоқчи бўлдим ва чизган суратларини сўрадим.
Битта сурат «Она юрт соғинчи» деб аталган экан. Унда авар либосидаги итальян қизи кумуш кўза кўтариб чашма ёнида турибди. Кўзада донғи кетган гоцатлин усталарининг нақшлари. Тоғ ёнбағрида танҳо кулба қўққайиб турибди. Тоғ чўққиларини туман чулғаган. Кулба тасвирида ҳам, туманли чўққилар тасвирида ҳам аллақандай мунг ва ҳасрат бор.
— Туман — тоғларнинг кўз ёши, — деди менга рассом.— Тоғ ёнбағрига туман тушганда қоялардан тиниқ томчилар оқади. Туман менинг ўзим.
Бошқа суратда тиканак устига қўнган қуш тасвир этилган. Қуш сайраб турибди. Нарироқдаги кулба дарчасида тоғ қизи ғамгин ўйга чўмган. Суратга маҳлиё бўлиб қолганимни кўрган рассом менга тасвирнинг маънисини тушунтирди:
— Бу қадимий авар афсонасидан олинган.
— Қандай афсона?
— Кунлардан бир кун сайёд бир қушни ушлаб олиб, қафасга солибди. Тутқун қуш қафасда ётиб эртаю кеч «ватан, ватан, ватан», деяверибди. Сайёд ўйлабди. Мен-ку бу қушни олтин қафасга солдим. Дони, суви доим муҳайё. Шунда ҳам «ватан, ватан» дейди. Демак, бунинг ватани дунёда тенгсиз бир ажойиб гулшан бўлса керак. Кел, қўйиб юборайчи, қаёққа учаркин. Мен ҳам ўша ажойиб гулшанни бир кўрай. Шу хаёл билан сайёд олтин қафасни очиб қушни қўйиб юборибди. Қуш бўлса, парр этиб учибди-ю, ўн қадамча наридаги тиканзорга қўнибди. Сайёд бориб қараса қушнинг уяси ўша тиканлар орасида экан. Мен ҳам, — деб гапни тамомлади рассом, — мана шу қафасдан ўз ватанимга интизор тикиламан.
— Юртингизга қайтсангиз бўлмайдими?
— Вақт ўтган. Мен бир замонлар ўз юртимдан қайноқ юрак билан чиқиб кетган эдим. Энди унга куруқ суяк билан қайтиб боришим — номус.
Париждан қайтгач, рассомнинг уйини топдим. Қарангки, унинг онаси ҳали барҳаёт экан. Қариндош-уруғлари тўпланиб менинг ҳикоямни ғамгин бош эгиб эшитишди. Улар ватангадо ўғилнинг гуноҳини кечгандай эдилар. Қаерда бўлса ҳам тирик эканидан хурсанд эдилар. Тўсатдан онаси сўраб қолди.
— Сизлар аварча гаплашдингларми?
— Йўқ. Биз таржимон орқали гаплашдик. Мен русча, ўғлинг французча гапирди.
Она қора рўмол билан юзини бекитди. Одатда оналар ўғлининг ўлганини эшитганда шундай қилишади. Ташқарида ёмғир шивалаб ёғарди. Биз Аваристонда ўтирибмиз. Балки дунёнинг у бурчида, Париж деган жойда Доғистоннинг ватангадо фарзанди ҳам ёмғирнинг шивалашига қулоқ солиб ўтиргандир. Узоқ сукутдан кейин она шундай деди.
— Сен янглишибсан, Расул, менинг ўғлим ўлиб кетган. Сен кўрган менинг болам эмас. Менинг ўғлим онаси ўргатган тилни унутмас эди.
ХОТИРА. Бир вақтлар мен авар театрида ишлар эдим. Биз саҳна ускуналари, кийим, совут-қалқонга ўхшаган нарсаларни эшакларга ортиб, эшаклардан қолганини елкага ортиб, овулма-овул томоша кўрсатиб юрар эдик. Театрда ишлаган ўша пайтларим ҳеч эсимдан чиқмайди.
Баъзи томошаларда менга кичкина роллар ҳам тегар эди, лекин асосий вазифам суфлёрлик эди. Менга бу вазифа ёқар эди. Негаки, мен артистларнинг ҳамма ҳаракатини, қилиғи, имо-ишорасини иккинчи даражали нарса деб ҳисоблардим. Мен учун ясама соқоллару, савлат кийимлар, театр анжомларининг ҳаммаси иккинчи даражали эди. Фақат бир нарсани асосий деб ҳисоблардим. Бу ҳам бўлса — сўз. Артистлар сўзни тўғри ишлатиши, ташлаб кетмаслиги, ямламаслиги учун жон-жаҳдим билан уринардим. Агар бирор артист сўзни нотўғри ишлатса, ё ташлаб кетса, мен туйнукдан бош чиқариб ҳалиги сўзни бутун зал эшитадиган қилиб баралла такрорлардим.
Сўзни энг муҳим омил деб ҳисоблардим. Чунки сўз кийим ва жиҳозларсиз ўзи яшаши мумкин. Халқ уни шундай ҳам қабул қилади.
Бир воқеа эсимдан чиқмайди. Биз авар халқининг узоқ ўтмиши тўғрисидаги «Тоғликлар» деган спектаклни кўрсатаётган эдик. Мен одатдагича, суфлёр эдим. Спектаклда пьеса қаҳрамони хун тўлашдан қочиб, тоғларда юрган Айғози севган қизи билан учрашгани кечаси овулга келади. Қиз тезроқ кетгин, ушлаб олишса ўлдиришади, дейди. Айғози эса севгилисининг устига буркасини ташлаб кўйиб, унга ўз севгиси, изтироблари ҳақида гапиради.
Шу пайт кутилмаган ҳодиса юз берди. Саҳнага Айғози ролини ўйнаётган Магаевнинг хотини югуриб чиқдию эрига ташланиб қолди. «Мен уйда болангни боқиб ўтирсаму, сен бу ерда ўйнашингни қучоқлаб ўтирсанг», деб бир-икки мушт ҳамуриб қолди. Магаев бир амаллаб хотинини саҳна орқасига олиб чиқиб кетди. Жонон саҳнада ёлғиз қолди. Магаев ҳадеганда қайтавермади. Қарасам томоша бузиладиган. Шартта туриб туйнуқдан чиқдим-да, жононга Айғози айтадиган гапларни айтдим.
Билмадим, томошабинларга ёқдими, ёқмадими, лекин мен қилган ишимдан ўзим хурсанд бўлдим. Менда на Айғозининг кийими, на грими бор эди. Лекин муҳими — халқ у айтадиган сўзларни эшитди. Мен шунга хурсанд эдим.
Ўша театрда ишлаб юрган пайтимда биринчи марта жуда баланд тоғ устида жойлашган машҳур Гуниб овулига борган эдим. Шоир шоирнинг қўноғи деганларидек, гуниблик бир шоирнинг уйига тушдим. Гастролимиз тугагунча ўшаникида ётиб юрдим.
Уй эгалари мени жуда яхши кутишди. Айниқса шоирнинг онаси жуда меҳрибон ва олижаноб аёл экан.
Хайрлашар эканман, миннатдорлик билдиришга сўз тополмас эдим. Онаси билан хайрлашаётганимда уйда ҳеч ким йўқ эди. Ўғли ҳақида икки оғиз яхши гап айтиб уни хурсанд қилмоқчи бўлдим. Гуниблик шоирнинг шеърлари менга унча ёқмаса ҳам онасининг кўнгли учун ўғлингиз илғор шоирлардан, ҳозиржавоб, деб мақтай бошладим.
— У балки илғордир — деди менинг сўзимни бўлиб она, — лекин унда истеъдод йўқ. Балки у ҳозиржавоб шоирдир, лекин мен унинг шеърларини ўқисам зерикаман. Мен-ку унинг эндигина тили чиқаётган пайтда айтган сўзларини соатлаб зерикмай эшитардим. Энди бўлса, ёзган шеърини ўқишга сабрим чидамайди. Халқда бир гап бор. Хотин кишининг ақли этагининг учида бўлади, ўтирган пайтда ўзи билан бўладию, ўрнидан тургани ҳамон тўкилиб қолади, дейдилар. Шунга ўхшаб ўғлимҳамдаврада ўтирганда, овқат устида туппа-тузук гапларни гапирадию, ўрнидан туриб иш курсисига ўтиргунча ҳамма яхши гаплари тўкилиб қолади.
Ҳар гал бу ҳодисани эслаганимда, она тилимдан жудо қилма, деб худодан сўрайман. Мен шундай ёзайки, менинг шеърларим ҳар бир она учун, ҳар бир тоғлик учун, ҳар бир инсон учун равшан ва юрагига яқин бўлсин. Мен диккатпазлик эмас, қувонч тарқатсам дейман. Агар мен тилни бузсам, ёзганларим курук, совуқ, зерикарли бўлса, мен учун бундан даҳшатли нарса йўқ.
Баъзан овулимизнинг қариялари мачит ёнида тўпланиб, жамоатга доир масалаларни муҳокама қилар эдилар. Бу йиғинни годскан дейишади. Мен у пайтда бола эдим. Йиғилганларга отамнинг шеърларини ўқиб бериб юрардим. Ўзим ёш бўлсам ҳам шеърни жуда берилиб, куч билан (ҳатто ортиқча кучаниб) ўқир эдим. Ўзимга ёқиб қолган баъзи сўз ёки товушларни алоҳида ажратиб қаттиқ талаффуз килар эдим. Масалан, отамнинг «Цадада бўри овлаш» деган шеърини ўқиганимда «баць», «цьада» сўзлардаги «ць» товушини жуда қаттиқ, куч билан, титроқ оҳангда айтар эдим.
Отам ҳар сафар менга танбеҳ берарди: — Сўз ёнғоқ эмаски, тишингда қарсиллатиб чақсанг. Ёки саримсоқ эмаски, ўғирда туйсанг. Ё бўлмаса, сўз тошлоқ ер эмаски, омочни бор кучинг билан босиб ҳайдасанг.
Сўзни кучанмасдан талаффуз қил, оғзингдан чиққан сўз тарақа-туруқ қилмасин.
Мен шеърни бошқатдан ўқир эдим. Барибир, ўзим ўргангандай чиқар эди. Бир кун отам менга ўргатолмай хуноб бўлиб кетдию, томда турган онамга бақирди:
— Ҳеч бўлмаса сен ўргатсанг-чи!
Онам ҳалиги сўзларни отам истагандай қилиб такрорлади.
— Эшитдингми? Энди сен қайтар-чи! Мен яна тўғрилаб айтолмадим.
— Бор-е, — деди отам жаҳли чиқиб. Битта жалатуринликни-ку сўзни бузгани учун калтаклаган эдим. Энди ўзимнинг ўғлим сўзни бузса нима қиламан?
ОТАМНИНГ ЖАЛАТУРИНЛИКНИ УРГАНИ ТЎҒРИСИДА. Баҳор фасли. Бозор куни экан. Баҳорда, маълумки, ўтган ёзнинг меваси тамом бўлган, янгиси ҳали чикмаган, шунинг учун ҳамма нарса қиммат бўлади. Ҳатто кўза ҳам, гўё у ҳам ердан чиқадигандай...
Отам ҳали ёш вақти экан. Бозорга тушадиган бўлибди. Кетаётганда қўшниси унга йигирма тийин бериб, шунга битта супурги олакел, дебди.
— Агар арзонга олсанг, қайтими ўзингники, — дебди яна ёш Ҳамзатга қўшни.
Ҳамзат бозорга келиб супургичини топибди ва савдолаша бошлабди. Шарқ бозорларининг ҳаммасида ҳам сотувчи оғзига сиққанини айтади, харидор тилига келганини сўрайди. Сотувчи беш сўмлик нарсани беш юз сўм дейиши, харидор беш тийин сўраши мумкин.
Отам энг яхши, энг қаттиқ супургини танлабди:
— Сотасанми?
— Бўлмаса нима қилиб турибман?
— Неча пул?
— Икки танга.
— Супурги от эмаски, икки танга сўрасанг. Бўлишини айт.
— Икки танга.
— Ҳазиллашма. Рости қанча?
— Икки танга.
— Бир танга бераман.
— Икки танга.
— Бор пулим бир танга эди-да.
— Супурги икки танга.
— Ростини айтяпман, бошқа пулим йўқ.
— Топганингда келасан. Ками йўқ.
Отам супургини ололмаслигига кўзи етиб, бозор айлангани кетибди. Нарироққа борса одамлар тўпланиб туришганмиш. Қараса Маҳмуд қўшиқ айтаётган экан.
Отам даврага қўшилиб шоир қўшиғини тинглай бошлабди, Маҳмуд гоҳ пандур чалар, гоҳ торларга қўлини қўйиб қўшиқ айтар экан. Тиқ этган товуш йўқ. Ҳамманинг қулоғи қўшикда. Пашша учса эшитиладиган жимлик. Ҳатто секингина йўталган болани ҳам отаси даврадан ҳайдаб турибди. Шундай жимликда битта жалатуринлик ёнидаги одамга алланималарни гапира бошлади (у ёнидаги одамга қўшиқнинг мазмунини тушунтираётган экан). Бу қўшиқ эшитаётганларнинг ғашини келтирибди.
Жалатуринликнинг бу ишидан ёш Ҳамзатнинг жаҳли чиқиб, бир-икки енгидан тортиб қўйибди. Жалатуринлик тинчимабди. Жимбўл деса ҳамқулоқ солмабди. Отамғазабга келибди. Ёнига қараса ҳалиги супургичи ҳам келиб қўшиқ эшитиб турган экан. Югуриб бориб узун супургини олибди-да, жалатуринликнинг бошига солиб қолибди.
Жалатуринлик дўқ қилган экан, отамсупурги билан яна бир-икки тушуриб қувиб юборибди. Шундан кейин супургини қайтариб бериш учун сотувчининг ёнига келибди. Супургичи олмабди:
— Олақол, супурги сеники.
— Олардиму пулим етмайди-да, фақат йигирма тийиним бор.
— Текинга бердим сенга. Сенинг қилган бу ишинг менинг ҳамма молимдан ҳам қиммат.
Қўшиқнинг белига тепадиган жалатуринликларнинг уруғи жуда кўпайган. Лекин уларни дўппослайдиган супургию, бу супургини ишлатадиган мард йўқ.
Чиройли айтилган ўткир гапни тоғликлар «Битта отга арзийдиган гап» дейишади.
ЁН ДАФТАРДАН. Машҳур полвон, тўрт марта жаҳон чемпиони Али Алиев Маҳачқалада менга қўшни. У бир куни Истамбулда донғи кетган турк полвони билан беллашиб қолибди. Турк ҳақиқатан ҳам кучли, эпчил курашчи экан. Лекин Али Алиев маҳорат билан уни енгибди. Бир бойлам арқондай олиб улоқтирибди. Турк ўрнидан турар экан, аварчалаб сўкинибди. Али Алиев туркнинг оғзидан ўз она тилида айтилган сўзни эшитиб ҳайрон бўлибди. «Сўкинишнинг нима кераги бор қариндош, бу кураш-да», дебди унга Али Алиев. Турк ҳайрон бўлганидан қотиб қолибди.
Ҳозиргина бир-бирлари билан олишиб турган икки полвоннинг қучоқлашиб кетганини кўрган судья ва томоша-бинларнинг ҳайронлигини қўяверасиз.
Кейин маълум бўлишича, бу турк Шомил асир тушгандан кейин Туркияга кўчиб кетган авар оиласидан экан. Полвонлар шу-шу бир-бири билан дўст.
ОТАМНИНГ ХОТИРАЛАРИДАН. 1939 йилда отам орден олгани Москвага борган эди. Ўша вақтда бу жуда катта воқеа ҳисобланарди. Отам Москвадан кўкрагига орден тақиб қайтиб келгандан кейин жамоа (овулнинг уму-мий йиғини) тўпланиб, отамдан Москва тўғрисида, Кремль, Михаил Иванович Калинин тўғрисида, умуман Москвада кўрган-кечирганлари тўғрисида гапириб беришни сўради.
Отам бир бошдан ҳамма хотираларини гапириб келиб, охирида шундай деди:
— Ҳаммасидан муҳими Михаил Иванович Калинин менинг исмимни русча эмас, аварча талаффуз қилди. У мени Гамзат Цадаса эмас, Цьадаса Ҳамзат деди.
Овул қариялари ҳам ажабланиб, ҳам қувониб ўтиришарди.
— Кўрдингларми, — деди отам, — сиз буни мендан эшитиб шунча хурсанд бўляпсиз. Мен ўзим Калининдан эшитган вақтимдаги ҳаяжонимни тасаввур қилинг. Ростини айтсам, орден олганимга ҳам бунчалик хурсанд бўлмаган эдим.
Отамнинг ҳаяжонини мен тасаввур қиламан.
Бундан бир неча йил авал Совет ёзувчилари делегацияси билан Польшага бордим. Меҳмонхонада ётсам, биров эшикни тиқиллатди. Очдим. Нотаниш бир одам соф авар тилида сўради:
— Ҳамзатил Расул шу ерда турадими? Хурсандликдан ўзимни йўқотиб қўйибман:
— Уйинг куймагур, авар экансан-ку, Краковда нима қилиб юрибсан?
Қўймасдан хонага бошлаб кирдим. Кечгача ва кечаси билан отамлашдик.
Лекин меҳмоним авар эмас экан. У Доғистон тиллари ва адабиёти билан шуғулланувчи поляк олими экан. Авар сўзини у биринчи марта концлагерда икки маҳбус авардан эшитган экан. Бу тил унга жуда ёқиб қолибди. Тилдан ҳам авар йигитларининг ўзи кўпроқ маъқул бўлибди. Шундай қилиб, поляк бизнинг тилни ўргана бошлабди. Ҳалиги аварлардан биттаси ўлиб, иккинчиси Совет Армияси томонидан озод қилинган экан.
Биз поляк билан фақат аварча гаплашдик. Мен учун бу жуда ғалати, ғайритабиий бўлиб туюлар эди. Суҳбат сўнгида мен олимни Доғистонга таклиф қилдим.
Иккаламиз ҳам ўшакуни авар тилида сўзлашдик. Лекин менинг гапим билан унинг гапи ўртасида осмон билан ерча фарқ бор эди. У олимга хос, жуда тоза, жуда тўғри, балки ҳаддан ташқари тўғри гапирарди. Гапнинг маънисидан ҳам кўпроқ сарфу наҳвини, жумла қурилишини ўйлар эди. Шунинг учун гаплари қуруқ, ҳиссиз чиқар эди.
Мен шундай китоб ёзмоқчиманки, бунда тил сарфу наҳвга эмас, сарфу наҳв тилга бўйсунсин.
БОШҚАЧА ҚИЛИБ АЙТГАНДА. сарфу наҳвни пиёда кетаётган йўловчига, адабиётни эса отлиқ йўловчига ўхшатаман. Пиёда отлиққа илиниб, «мени ҳам мингаштириб ол», дейди. Отлиқнинг пиёдага раҳми келиб мингаштириб олади. Лекин нарироққа бориб мингашган йўловчи отлиқни от устидан итариб тушира бошлайди, от ҳам, от устидаги мол ҳам меники деб даъво қила бошлайди.
Азиз она тилим! Сен менинг хазинамсан, бойлигимсан. Қора кунга асраган эҳтиёт мулкимсан. Сен мени ҳар қандай дарддан халос қилувчи шифобахш малҳамсан. Инсонда шоир қалби бўлсаю, ўзи соқов бўлса, бундай инсоннинг дунёга келмагани маъқул. Менинг қалбим қўшиққа тўла, бахтимга овозим ҳам бор. Менинг овозим сенсан, азиз авар тилим! Сен мени гўдакдек қўлимдан етаклаб, кичкина овулимдан катта дунёга олиб чиқдинг ва мен дунёга ўз она халқим, қадрдон ўлкам ҳақида барала куйладим. Сен мени улуғ рус тилига яқин килдинг. Бу тил мени иккинчи қўлимдан етаклаб жаҳон эллари бўйлаб кездирди. Мен бу улуғ тилдан доимо миннатдорман. У менга худди ўша сут берган энагамдай азиз. Лекин ҳеч қачон унутмайманки, менинг ўз онам бор.
НЕГАКИ, ўчоққа ўт ёқиш учун қўшнидан гугурт сўраш мумкин. Лекин юрак ўтини ёндириш учун дўстлардан олов олиб бўлмайди.
Одамларнинг тили ҳар хил бўлиши мумкин. Лекин тили бор бўлсин. Менинг баъзи дўстларим ўз овулларини ташлаб катта шаҳарларга кўчиб кетишган. Бунинг зарари йўқ, негаки, қуш ҳам инида фақат қаноти чиққунча ўтиради. Лекин катта шаҳарларда турадиган баъзи дўстларимнинг бошқа тилда асар ёзганига нима дейин?
Бошқа тилда ёзиб қойил қилишса-ку майли, лекин улар ёзган тил на аварчага ўхшайди, на русчага. Улар ёзган асар бетартиб кесилган ўрмонга ўхшайди.
Баъзиларга ўз она тили қашшоқ туюлиб, бойроқ, каттароқ тил излаб чиқиб кетишади. Лекин уларнинг кўпчилиги эртакдаги эчкига ўхшаб қолишади. Эчки бўриникига ўхшаган думни орзу қилибдию дум ўстиргани ўрмонга кетибди, натижада шўрлик шохидан ҳам айрилиб қолибди.
ЁКИ, улар ғозга ўхшайдилар. Ғоз сузишни билади, лекин балиқдай эмас, учишни билади, лекин қушдай эмас, ҳаттоки бироз сайрайди ҳам, лекин булбулдай эмас. Ҳаммасидан ҳам оз-оз бор, лекин ҳеч қайсисини қойил қилолмайди.
— Ишлар қалай? — дедим бир куни Абутолибга.
— Ўртача. Бўридек ҳам эмас, қуёндек ҳам. Ишқилиб қимирлаб турибмиз, — деди Абутолиб ва бир нафасдан кейин қўшиб қўйди. — Ёзувчи учун энг ёмон аҳвол ўртачаси бўлади. У ё қуён ушлаган бўридай, ё бўлмаса бўрининг панжасидан қочиб қолган қуёндай бўлиши керак.
ЁН ДАФТАРДАН. Бир куни қўшни овулнинг ёш-яланглари отамнинг олдига келиб, битта ашулачини роса дўппосладик, деб қолишди.
— Нима гуноҳ қилди? — деб сўради отам.
— У қўшиқни бузиб айтди. Қўшиқ ўртасида тўхтаб, йўталиб атайин сўзларни бузиб, гоҳ бўридай увлаб, гоҳ итдай акиллаб ашулани расво қилди. Шунинг учун биз уни дўппосладик.
— Нима билан урдинглар?
— Биров камар билан, биров мушт билан.
— Қамчи билан ҳам савалаш керак эди. Айтинглар-чи, қаерига урдинглар?
— Қон чиқмас жойларига солдик. Бўйнига ҳам бир-икки мушт тушди.
— Асосий айбдор ери қолибди. Калласига ҳамтушириш керак эди.
ХОТИРА. Ёдимга яна бир ҳикоят келиб қолди. Келинг, шуни ҳам айтиб берай. Маҳачқалада бир авар қўшиқчиси бор. Отини айтмайман, ўқиса ўзи тушунар. У кўпинча отамнинг олдига келиб, янги тўқиган куйларини чалиб берар ва шу куйга сўз ёзиб беришни илтимос қиларди. Отам рози бўлар, натижада қўшиқ дунёга келарди.
Бир куни чой ичиб ўтирсак радиодан: ҳозир машҳур қўшиқчи Ҳамзат Цадаса сўзига басталаган қўшиғини айтади, деб қолди. Ҳаммамиз радио атрофига тўпланиб эшита бошладик. Отамҳамяқинроқ келиб ўтирди. Лекин биз эшитиб жуда ҳайрон бўлдик. Қўшиқнинг сўзларини сира англаб бўлмас эди. Қўшиқчи баъзи сўзларнинг ярмини ютиб, баъзи сўзларни бутунлай ташлаб айтар эди. Унинг қўшиқ айтиши худди хўрознинг дон титишига ўхшарди.
Отам қўшиқчидан нега шундай қилдинг, деб сўраса у жавоб берибди:
— Мен қўшиқнинг сўзларини ҳеч ким тушунмасин деб атайлаб шундай қиламан. Бошқа қўшиқчилар сўзни ёдлаб олишса дарров илиб кетишади.
Кўп ўтмай отам дўстларини чақириб меҳмондорчилик қилди. Меҳмонлар ичида ҳалиги қўшиқчи ҳам бор эди. Зиёфат охирида отам деворга осиғлиқ турган қўмизни олди. Қўмизнинг битта тори узук, бошқа тори ҳам жуда бўш тортилган эди. Отам шу битта торда ҳалиги қўшиқчи тўқиган куйни чалиб, қўшиқ айтиб берди. У сўзларни жуда равшан, аниқ қилиб айтар, лекин куйни сира тушуниб бўлмас эди. Қўшиқчи чидолмади. Жаҳли чиқиб кетди. Мен тўқиган куйни бунақа қўмизда чалиб бўладими, деб фиғон бўлиб колди.
— Мен атайлаб шундай қиляпман, — деди отам. — Сен тўқиган куйни бошқалар илғаб олса илиб кетиши мумкин. Сен менинг сўзимни қандай эҳтиёт қилган бўлсанг, мен ҳам сенинг куйингни шундай эҳтиёт қиламан-да.
Доғистонлик ёзувчилар ўнта тилда асар ёзиб, тўққизта тилда нашр этишади. Ўнинчи тилда ёзадиганлар нима қилишади? Бу қандай тил бўлди? — деб сўрарсиз.
Ўнинчи тилда асар ёзувчилар ўз она тилини унутган, аммо бошқа халқнинг тилини ҳали ўрганмаган ёзувчилар. Улар аросатда қолган ёзувчилар.
Майли, бошқа тилда ёз, лекин, уни ўз тилингдан яхши билсанг ёз, ўз тилингда ёз, лекин уни бошқа ҳамма тиллардан яхши билсанг ёз, қайси тилда ёзсанг, майли, ёз, лекин зинҳор ўнинчи тилда ёзма.
Ҳа, мен ўнинчи тилнинг душманиман. Тил минг йиллик кўҳна тарихга эга бўлиши керак. Шўндагина у ҳақиқий адабиёт яратишга қодир бўлади.
Тил албатта ўзгаради, бойийди. Мен бунга қарши эмасман. Ахир дарахтлар ҳамҳар йили япроқларини тўкиб туради. Янги либосда у яна ҳам гўзал, яна ҳам навқирон бўлади, ажойиб мевалар беради.
Мана сизга менинг қўшиқларим, менинг китобларим. Мен уларни сизга кичкинагина, аммо кўҳна авар тили дарахтида битган мевалар, деб тақдим қиламан.

ОНА ТИЛИМ

Ажабо! Туш деган жуда қизиқ-да,
Ўлиб қолганмишман тушда ногиҳон
Кўксимда қўрғошин, қуёш тиғида
Тоғлар орасида ётибман бежон,

Узоқда шарқираб сойлар оқмоқда.
Борлиқда бир ажиб дилбарлик ҳоким.
Мен эсам ўйламайман ётиб тупроқда,
Мана шу тупроққа қўшилар хоким.

Мен ўлиб ётибман, кимсасиз, унут.
Ҳеч кимса қайғурмас ва чекмас ёҳу.
Фақат чўққиларда қурқурар бургут,
Фақат водийларда инграйди оҳу.

Навқирон ёшимда бўлдим-ку адо,
Оташ кўкрагимни ўйди, ахир, ўқ.
На онам, на ёрим бермайди садо,
Дўст тугул ҳаттоки йиғичи ҳам йўқ.

Фиғон отилади жонсиз бағримдан,
(Гўё фиғон бордек мурда дилида)
Шу пайт икки киши ўтди наридан
Қувноқ суҳбат қуриб авар тилида.

Мен-ку бу дунёдан кўз юмдим мангу,
Улар кулиб-кулиб сўзлашар борин.
Қандайдир Ҳасаннинг турфа ишию,
Қандайдир Алининг шўх кирдикорин.

Авар сўзин тинглаб кирди менга жон,
Оҳиста тирилдим ва шунда билдим:
Мени тузатолмас ҳеч дори-дармон,
Жонимга масиҳдир шу она тилим.

Майли, ким қай тилдан шавқу завқ олса,
Менинг ўз тилимга минг жоним фидо.
Эрта она тилим агар йўқолса,
Мен бугун ўлишга бўлурман ризо,

Майли, қашшоқ бўлсин, майли беҳашам,
Лекин менинг учун азиз ва суюк.
Жаҳон минбаридан янграмаса ҳам
Она тилим менга муқаддас, буюк.

Оташин Маҳмуднинг ёниқ шеърини
Наҳот таржимада ўқир авлодим!
Наҳот мен аварнинг сўнгги шоири,
Шуми эди менинг эзгу муродим?!

Севаман ҳаётни, дунё кўркини,
Муҳаббатим чексиз барча эл учун,
Ҳаммасидан азиз Совет юртини
Аварча куйладим етганча кучим.

Узоқ Сахалиндан Болтиққача то
Қалбимда кўраман ҳур Ватанимни.
Ҳар қайда қилайин унга жон фидо,
Лекин ўз юртимга қўйинг танимни.

Юртдошларим туриб қабрим олдида,
Кўрсатсин аварнинг шоири шул, деб,
Элим ёдга олсин она тилида
Ҳамзат Цадасанинг ўғли Расул деб.

ЁН ДАФТАРДАН. Бир тоғлик йигит рус қизини севиб қолибди. Лекин ота-онаси, ўғлимизни ўрисга уйлантирмаймиз, деб туриб олишибди. Қиз авар йигитини ҳақиқатан қаттиқ севар экан. Бир куни у йигитга авар тилида хат ёзибди. Йигит дарҳол хатни ота-онасига кўрсатибди. Ҳайратда қолган ота-она шу заҳотиёқ рус қизини келин қилишга рози бўлган экан.
ЁН ДАФТАРДАН. Ёзувчининг тил бойлиги деҳқоннинг ҳосил бойлигига ўхшайди. Бошоқларнинг сону саноғи йўқ. Бошоқларда дон ҳам беҳисоб. Лекин деҳқон қўл қовуштириб ўтирса дон ўзи хирмон бўлмайди. Ўриш керак, янчиш керак, сопириш керак. Шундан кейин дон тегирмонга тушиб ун бўлади, ун қорилиб хамир бўлади, хамир зувала-зувала нон бўлади. Лекин нон ҳар қанча зарур бўлмасин доннинг ҳаммаси тегирмонга бормайди. Энг сараси уруғлиққа туради.
ШУНДАЙ ГАП БОР. Болалар ўйнашиб дарахтни кесибдилару зағизғоннинг ини бузилибди.
— Дарахт, сени нега кесдилар?
— Тилим йўқлиги учун.
— Ҳакка, нега инингни буздилар?
— Чурқирайверганим учун.
ШУНДАИ ГАП БОР. Сўз ёмғирга ўхшайди: бир мартаси — роҳат, икки мартаси дуруст, уч мартаси — чидаса бўладиган, тўрт мартаси — офат, бало.

МАВЗУ

Эшикни тепма — калитини топсанг, ўзи очилади.
Эшикдаги ёзув.

«Менга мавзу беринг» дема,
«Менга кўз беринг» деб айт.
Ёш ёзувчига маслаҳат.

«Ҳурматли ўртоқлар, ёзувчиликка ҳавасим жуда зўр. Лекин нима ҳақида ёзишимни билмай турибман. Менга би-рорта керакли, замонавий мавзуни айтинг, яхши бир китоб ёзмоқчиман».
Кўпинча Ёзувчилар союзига, журнал ва газета редакцияларига, шахсан ёзувчиларга ёшлардан шунга ўхшаш хатлар келади. Бунақа хатларни отам ҳам олиб турарди. Баъзан мен ҳам оламан. Отам шундай хатларни олганда бош чайқаб дерди:
— Йигитчанинг уйлангиси бору кимга уйланишни билмай турганга ўхшайди. Кўз остига олгани йўқ экан шекилли, кимга совчи юборай деб сўрабди.
ХОТИРА. Бир кун Доғистон Ёзувчилари союзига Абутолибдан ариза тушди. У олис тоғ овулига ижодий командировка сўраган экан. Правление мажлисида ундан нима ҳақда асар ёзмоқчилигини сўрашган эди, қариянинг жаҳли чиқиб кетди:
— Овга отланган сайёд нима отишини олдиндан айтиб бера оладими? Жангга кираётган аскар қандай жасорат кўрсатишини қайдан билсин?
Мен ўша мажлисда бор эдим. Абутолибнинг сўзлари менинг кўнглимга қаттиқ ўрнашиб қолди.
Ёзувчидан ҳадеб ижодий режаларини сўраб безор қиладиганларга ҳайрон бўламан. Тўғри, ёзувчи ўз ижодий меҳнатининг умумий йўналишини билади. Масалан, роман ёки трилогия ёзмоқчи бўлса олдиндан айтиши мумкин. Лекин шеърнинг йўриғи бўлак. Шеър кутилмаганда келади. У табиатнинг шоирга совғаси. Шоир хўжалиги қатъий режага бўйсунмайди. Мисол учун, эртага эрта билан соат ўнда кўчада кетаётиб бир қизни учратаману унга кўнгил қўяман, деб айтиб бўлмайди. Ёки индинга кечқурун соат бешда битта аблаҳдан ғазабланаман, деб айтиш мумкин эмас.
Шеър гулхонада ўстирилган ёки йўл четига ўтқазилган гул эмаски, қидириб ўтирмай ёққанини узиб олинса. Шеър қадам етмаган дараларда битган чаман, қанча кезсанг, шунча нодир чечакларга дуч келасан.
Музика юрак ҳисларидан туғилади. Музикадан ҳислар туғилади. Аввал тухум пайдо бўлганми ёки товуқми — шу маҳалгача исбот қилинган эмас. Худди шундай, ёзувчи мавзуни танлайдими ёки мавзу ёзувчини танлайдими? Буни айтиш қийин. Мавзу — ёзувчининг дунёси, тўғрироғи, ёзувчининг ўзи. Мавзусиз — ёзувчи йўқ.
Фикрлар ва ҳислар қуш бўлса, мавзу — шу қуш парвоз этадиган осмон, фикрлар ва ҳислар оҳу бўлса, мавзу — шу оҳуга маскан бўлган тоғлар, фикр ва ҳислар йўл бўлса, мавзу шу йўл олиб борувчи манзил.
Менинг мавзуим — ватан. Мен уни қидирмайман. Чунки биз ватан танламаймиз, балки азал-абад ватан бизни танлаган. Бургут осмонсиз, ғизол тоғларсиз, балиқ сувсиз, самолёт аэродромсиз бўлмайди. Худди шундай, шоир ватансиз бўлиши мумкин эмас.
Бургут ҳовлидаги товуклар орасида жимгина дон териб юрса, демак у бургут эмас, оҳу колхоз даласида ўтлаб юрган бўлса, у оҳу эмас, самолёт музейда турган бўлса, у самолёт эмас.
Худди шундай, навосиз булбул булбул эмас.
ЯНА МАВЗУ ҲАҚИДА. Менга болаликдан бир манзара жуда азиз бўлиб қолган. Отамўтирадиган уйнинг кичкинагина дарчасини очганда, овул этагида дастурхондай тўшалган кўм-кўк ўтлоқ намоён бўларди. Бу ўтлоқ устида осилиб турган баҳайбат қоялар, илондай буралиб-буралиб ўтган тоғ сўқмоқлари, йиртқич ҳайвоннинг оғзидай даҳшатли ғор тешиклари кўз олдимдан сира нари кетмайди.
Кўп ўлкаларни кезгач, кўп гўзал манзараларни томоша қилгач, англадимки, Швейцария ёки Непалда мен болаликда тўймай қараган ҳалиги манзарадан чиройлироқ ерлар бор экан. Лекин, барибир, менинг хотирамга болалигимда кичкина дарча рамкаси ичига олинган суратдай ўрнашиб қолган ўша манзарадан ўтадиган кўриниш дунёда йўқ. Агар ўша манзара бўлмаганда, менга дунёнинг гўзаллиги маънисиз бўларди. Оламмен учун қалбсиз кўкрак, тилсиз оғиз, қорачиқсиз кўз, қушсиз ин бўлар эди.
Лекин бу билан мен ўз мавзуимни овулим ва уйимнинг доирасидан бир қадам ҳам чиқармайман ёки ўз мавзуим атрофидан девор олиб ҳеч нарсани киритмайман, демоқчи эмасман. Мен дунёда бўладиган ҳодисаларнинг ҳаммасини ўз овулим, ўз Доғистоним, ватаним деган тушунчадан, ўз уйимдан қидирмайман, балки ватан деган тушунчани бутун дунёдан ҳар бир бурчагидан қидираман. Шу маънода менинг мавзуим — бутун дунё.
Олис Сантьяго шаҳрида эдим. Бир кун тонгда хўрознинг қичқирган овозидан уйғониб кетдим. Бир дақиқа ўз она овулимда ётгандай ҳис қилдим ўзимни. Сантьяго хўрозлари менинг шеъримга мавзу бўлди.
Япониянинг ажойиб шаҳри Камакурада гўзаллар маликасини сайлаш маросимида иштирок қилдим. Япониянинг бир-биридан сулув қизлари саф бўлиб қаршимиздан ўтди. Лекин мен булар сулувлигини ўз овулимда қолган танҳо маҳбубамнинг назокати, дилбарлигига ўхшатмадим. Шундай қилиб, япон гўзаллари ва япон маликасининг ҳусни менинг шеъримга мавзу бўлиб кирди.
Непалда будда эҳромларини тўйиб томоша қилгач, қирол саройларию, дунёнинг барча дардларидан, инс-жинсларидан фориғ қилувчи йигирма икки фавворани зиёрат қилгач, юксак Катаманд тоғига кўтарилдим. Бу тоғни кўришим билан қадрдон Доғистонимни эсладим. Бу тоғ менга ҳалиги ҳашаматли сарою эҳромларнинг ҳаммасидан ҳам кўпроқ маъқул бўлди. Унинг қоялари саройлардаги нақшин устунлардан чиройлироқ, оддий булоқлари ўша фаввораларнинг ҳаммасидан шифобахшроқ, тозароқ туюлди. Шундай қилиб Непалнинг буддий эҳромлари ва тоғлари менга мавзу бўлди.
Ҳиндистоннинг катта сершовқин шаҳарларини айланиб Калькутта яқинидаги кичкина бир қишлоққа келдик. Бу ерда деҳқонлар буғдой янчаётган экан. Ҳўкизлар бир меъёрда қадам ташлаб хирмон атрофида айланаётганини кўрдим. Дунёдаги ҳеч бир музей, ҳеч бир театр менга олтин бошоқларни янчаётган мана шу ҳўкизларчалик завқ бермаган. Бу манзарани кўргач, мен ўз овулимни, ўз болалик чоғларимни хаёлимга келтирдим.
КЎРГАНЛАРИМ. Индонезияда худди биздагидек ноғора чалишар экан; Нью-Йорк кўчаларида черкаска кийган кавказликни учратдим; Истамбул ва Парижда ғарибликда ватангадо тоғликлар яшайдилар. Дунёда улардан ҳам бахтсиз инсон йўқдир. Лондондаги кўргазмада малқарлик кулолларнинг санъатини намойиш қилувчи нақшин идишлар қўйилган. Венецияда Цовкра овулидан чиққан дорбозлар ҳаммани қойил қолдирдилар. Питсбург шаҳридаги китоб дўконида Шомил ҳақида ёзилган китобни кўрдим.
Хуллас, қаерга бормай, нимани кўрмай, ҳаммавақт ўз Доғистонимни ўйлайман.
Битта жангчига бир неча душман ҳужум қилиб, орқа-ўнгидан қилич солиб турса, қанақа баҳодир бўлмасин, аҳволи танг бўлади. Шундай вақтда катта қоя бўлсаю жангчи унга елкаси билан суяниб урушса, ҳар қалай орқадан келадиган хавф йўқолади: чинакам баҳодир жангчи шундай қоя ҳимоясида икки-уч аскарни ер тишлатиши мумкин.
Доғистон менинг ана шундай улкан қоям, суянчиғим, энг қийин дамларда мен унга суянаман.
Саёҳатчилар турли эллардан ўша эл қўшиқларини олиб келадилар. Менинг ишим қийин. Қаерга бормайин фақат Доғистон қўшиқларини олиб қайтаман. Ҳар янги шеър билан мен уни гўё янгидан биламан, янгидан тушунаман, янгидан севаман, Доғистоним мен учун битмас-туганмасдир.
ЁН ДАФТАРДАН.
— Бургут, сенинг энг севган қўшиғинг недир?
— Юксак тоғлар қўшиғи.
— Чағалай, сенинг севган қўшиғинг недир?
— Мовий денгизлар қўшиғи.
— Қузғун, сенинг севган қўшиғинг недир?
— Қирғин ва ўлим қўшиғи.
Адабиётнинг ҳам ўз кушлари, бургутлари ва чағалайлари бор. Биров тоғларни куйлайди, биров денгизларни. Ҳар кимнинг ўз мавзуи, ўз ватани бор. Лекин адабиётда қузғунлар ҳам бўлади. Улар учун ўзларидан азиз нарса дунёда йўқ. Қузғун мурданинг кўзини чўқир экан, жасаднинг кимникилиги билан иши бўлмайди, ботир жангчими ёки олчоқ хиёнаткорми — унинг учун барибир. Мен била-диган баъзи адиблар бугун бир гапни айтсалар, эртага бошқа гап айтадилар. Ўзларига бугун нафи тегадиган ишни бугун, эртага нафи тегадиган ишни эртага қиладилар.
ЯНА МАВЗУ ХАҚИДА. Мавзу — бойлик тўла сандиқ. Сўз унинг калити. Лекин сандиқдаги бойлик ўзганики эмас, ўзингники бўлиши керак.
Баъзи адиблар тез-тез бир мавзудан иккинчи мавзуга кўчиб юрадилар. Лекин ҳеч бирини ниҳоясига етказмайдилар. Улар сандиқнинг қопқоғини кўтариб устидаги латта-путтани нари-бери титишадию ташлаб бошқасига ўтишади. Сандиқни ўз эгаси очса, шошилмасдан, устидагиларни бир-бир олиб, энг тубидаги жавоҳир қутичасига етади.
Бир мавзудан иккинчисига тез-тез кўчиб юрувчи енгилтак адиблар йигирма саккиз марта уйланиб, охири хотинсиз қолган Далағаловга ўхшайдилар.
Лекин мавзуни яккаю ягона хотинга ҳам, яккаю ягона онага, ёлғиз ўғилга ҳам ўхшатиб бўлмайди. Бу мавзу меники, унга ҳеч ким тега кўрмасин, дейиш ҳам ақлдан эмас.
Менинг мавзуим ҳамма учун очиқ. Бир ёзувчи, менинг мавзуимни «ўғирладинг», деб бошқасига даъво қилган экан. «Ҳамма биладики, Ирчи Казак тўғрисида фақат мен ёзаман. Бу мавзуда ёзишга сенинг нима ҳаққинг бор? Бу — оппа-очиқ ўғирлик-ку!» Даъвогар худди маҳбубини биров тортиб олгандай тутақиб ўшқириб турган экан, бошқа бир ёзувчи унга шундай жавоб берибди:
— Кимнинг акли қиличидек ўткир бўлса, ўша саркарда бўлади. Қизнинг уйига совчи юборган одам эмас, уни хотинликка олган эр ҳисобланади. Ирчи Казак тўғрисида ҳам ким боплаб ёзса, бу мавзу уники.
Бир мавзу устида бир неча ёзувчи мустақил ишлаши мумкин. Адабиётда колхоз бўлмайди. Ҳар бир ёзувчининг ўз даласи, ўз чорбоғи бор. Лекин менинг даламҳамма учун очиқ. Чегарамда на иту, на соқчи бор. Аслида, чегарамнинг ўзи йўқ. Менинг мавзуим кўриш қатаған бўлган ер ёки масжиднинг бегона одам ўтиши ман бўлган жойи эмас.
Доғистон ёзувчиларининг катта бир анжуманида шундай баҳс бўлди. Бир нотиқ сўзга чиқиб шундай деди:
— Доғистонлик ёзувчи бошқа ўлкалар ёки халклар ҳақида ёзиб нима қилади? Испания ҳақида испанлар, Япония ҳақида японлар, Ўрол саноати ҳақида Ўролда яшайдиган ёзувчилар ёзсин. Бир гулшанга уя қурган қуш бошқа бир гулзорга бориб сайрамайди-ку. Ёки водийга тоғнинг тошлоқ еридан тупрок олиб боришмайдику. Қани, айтинг, карт думбани зиғир ёғига қовурадиларми?
Бу анжуманда бошқа бир республикадан келган меҳмон ҳамбор эди. У сўз олиб шундай жавоб берди:
— Айиқнинг макони ғор, булбулнинг ошиёни тикан. Лекин қуёш барча ҳайвонларни нуридан баҳраманд қила-ди, ёмғир дов-дарахтларга тенг ёғади. Камалакнинг ранглари ҳамма кўз учун бир хил, елдирим шуъласи юксак чўққию, чуқур жарлик учун баробар. Ўзга юртнинг гуручидан ҳам қойилмақом ош дамлаш мумкин. Мен сизларнинг анжуманингизга олисдан келганман. Фақат сизни табриклаш учун келганман. Лекин сизнинг ажойиб ўлкангизни, юксак тоғларингизни, денгизингизни, мард йигитларингиз, гўзал қизларингизни кўрдиму юртингизни севиб қолдим. Агар сиз ҳақингизда, сизнинг ўлкангиз ҳақида асар ёзсам, халқим менга раҳмат айтади. Агар бирортангиз менинг ўлкам ҳақида ёзсангиз, зарар бўлмас деб ўйлайман. Қалб севги танлашда, ёзувчи мавзу танлашда эркин. Севги бирорта юракдан жой оладиган бўлса, бунинг учун ҳеч кимнинг махсус рухсати керак эмас.
Меҳмоннинг сўзларига ҳамма қарсак чалди. Чунки унинг сўзлари ўткир ва ҳақ эди. Мен ҳам қарсак чалдим. Лекин унинг фикрига эндигина тўла қўшилай деб турганимда бошимга бир фикр келди.
Бошқа ўлкалар, бошқа халқлар ҳақида ҳам ёзиш керак, лекин ёзувчи аввал ўз мавзуини топган ва унда маҳкам ўрнашган бўлиши керак.
Менинг кичкинагина Доғистоним — поёнсиз оламим. Бу — водийга етгач, бирга қўшиладиган икки ирмоқ. Бу — бир дард ёки бир севинчдан туғилиб икки кўздан оқиб тушган икки томчи ёш.

Шоир яноғида икки қатра дур,
Икки томчи кўз ёш — икки сабабдан,
Бириси шодлигу бири ғамдандур,
Бириси севгидан, бири ғазабдан.

Икки тиниқ қатра, қайноқ ёш, холос,
Қўшилмаса ожиз томчидир улар.
Ва лекин бирикса шеър бўлур кўз ёш.
Чақмоқ бўлиб чақнар, сел бўлиб қуяр.

Менинг кичкина Доғистоним — поёнсиз оламим. Мана шулар менинг ҳаётим, қалбим мусиқаси, ёзажак китобим, менинг мавзуим.
Агар бургут юксак қоядан кўтарилиб водий узра парвоз қилмаса, билгинки, у ҳақиқий бургут эмас.
Агар бургут водий узра парвоз қилгач, яна юксак қояга келиб қўнмаса, билгинки, у ҳам ҳақиқий бургут эмас.
Лекин бургутнинг иши осон. У бургут бўлиб туғилган, ўзи истаганда ҳамчағалай ёки қузғун бўлолмайди. Ёзувчининг иши мушкулроқ. Агар унинг қонида бургутлик бўлмаса минг уринмасин бургут бўлолмайди.
Қўбуз чалишни билмаган одам устида гап очилса, бизда «ҳечқиси йўқ, нариги дунёда ўрганади», дейишади.
Кўп ёзувчилар қалам олиб ёзишга ўтирганда ўзларининг қалб сезгилари, идрок туйғулари эмас, ҳид билиш қобилиятларига суянишади.
Овулга келган меҳмон ҳам қайси уйга киришни билмай турганда ҳид билиш қобилияти унга йўл кўрсатади. Ахир бир уйдан зоғора ноннинг ҳиди келса, бошқасидан қайнаб турган қўй гўштининг бўйи келади.
Баъзи йигитлар ҳам келин танлаганда, ақллиси қолиб енгилтак қизни хоҳлашади, фақат бойнинг қизи бўлгани учун.
Шундай ёзувчилар борки, улар учун нима ҳақда, қайси юрт ҳақида ёзишнинг сира фарқи йўқ. Улар, қанча узоққа кетсам молимни шунча қимматга сотаман деб ўйловчи олиб сотарларга ўхшайдилар.
Уларни Пархолша деган қари қизга ўхшатаман. У, ўз овулимда менга лойиқ йигит йўқ, деб бошқа овуллардан куёв чиқишини кутиб юриб, бутунлай эрсиз қолган экан.
ЎРМОНГА БОРГАН ИККИ ТОҒЛИК ҲАҚИДА ҲИКОЯТ. Кунлардан бир кун икки тоғлик бўйинтуруққа ёғоч кесиб келгани ўрмонга боришибди.
Биринчиси мўлжалдаги дарахтни дарров топибди-да, бўйинтуруқбоп иккита қуруқ шохни кесиб қайтибди. Иккинчиси бу дарахтга қараса, униси яхшироқ, унисига қараса наригиси яхшироқ кўриниб, кечгача ўрмон кезибди. Охири у ҳам иккита ёғоч кесиб қайтибди, лекин бу ёғочлар дастлаб учраганидан анча ёмон экан. Уйга қайтаётиб кўрса, ўртоғи аллақачон ерини ҳайдаб, уйига келаётган эмиш.
Бу воқеани менга Абутолиб доғистонлик бир шоир узоқ сафарга бориб, иккита ёмон шеър билан қайтганда айтиб берган эди.
— Қўшиқ айтишни ўз юртингда ўрганмаган бўлсанг, ўзга юртда сира ўрганолмайсан, — деди кекса шоир сўз сўнгида, — баъзи шоирлар бошида турган папоғини уч кун ахтарган тентак тоғликка ўхшайдилар.
ЯНА МАВЗУ ҲАҚИДА. Мен биринчи марта туғилган уйимни тарк этиб сафарга йўл олганимда онам дарчага чироқ ёқиб қўйган эди. Ўша чироқ йиллар ва йўллар оша, зулмат ва туманлар оша менинг қалбимни ва мақсад манзилимни ёритди.
Уйга қайтгач, ўша дарчадан ташқарига қарадим. Кўз олдимда мен кезган, умрим бўйи кўрган поёнсиз олам намоён бўлди.
Ёзувчига ким мавзу беради? Бундан кўра ёзувчига калла, кўз, қулоқ ва юрак бермоқ осонроқ бўлса керак. Қалб севгиси ёки нафрати туфайли эмас, балки ҳалиги айтганимиздек, ҳид билиш туфайли мавзу танлаган ёзувчи ўз замонининг фарзанди бўлолмайди. Улар замон фарзанди эмас, кун фарзанди. Уларни мен кар қулоқ келинга ўхшатаман...
Отам менга шундай деган эди:
— Шомилга тега кўрма. Агар тегсанг умр бўйи тинчингни йўқотасан.
Отамтўғри айтган экан.

Эрка ўсмас тоғликнинг ўғли,
Хўп дашномлар олганман мен ҳам.
Шўхлик қилсам, юрмасам тўғри,
Қулоғимни бурарди отам.

Замон мени тергаб турар гоҳ,
Агар бўлса шеърим бўш, нўноқ.
Бўшаб қолса ипи баногоҳ —
Тор қулоғин бурайди машшоқ.

Замон! Кунлар қўшилиб йил бўлади, йиллар қўшилиб — аср. Аммо давр нима? У асрлар йиғиндисими ёки йиллар жамими? Ёинки бир кун ҳам давр бўла оладими? Беш ой яшил япроқларини кўз-кўз қилиб турган дарахт баъзан бир кунда — ҳатто бир кечада сарғаяди. Ёки аксин-ча, беш ой яланғоч турган дарахтнинг яшил либосда кўриниши учун баъзан бир илиқ кун кифоя.
Дарахтлар борки, ҳар ой тусини ўзгартиради. Дарахтлар борки, бир умр ўзгармайди.
Кўп қушлар иқлим ўзгариши билан ҳар фасл ватанини янгилайди. Бургутлар эса қишу ёз ўз тоғларига содиқ қоладилар.
Қушлар шамолга қарши учишни яхши кўришади. Яхши балиқ оқимга қарши сузади. Ҳақиқий шоир қалби буюрганда «кибор оламининг фикрига қарши» исён қилади.
ЁН ДАФТАРДАН. Менинг бир дўстим бор. У авар шоири. Ўтган йили унинг янги шеърлар китоби чиқди. У китобдаги шеърларини худди шаҳар ҳовлисидаги уйига ўхшатиб хона-хонага бўлиб чиқибди. Масалан, сиёсий лирика — бир бўлим. Буни ишхона дейиш мумкин. Бир бўлим— ишқий шеърлар. Бу — ётоқхона. Яна бир бўлим — турли шеърлар — меҳмонхона. Ниҳоят, қишлоқ хўжалиги, буғдой, чўпонлар ҳақидаги қисм. Буни, кимбилади, ошхона деймизми...
Ўша шоир бир куни Махачқалага қўшиқ мусобақасига келган бир куйчини уйига таклиф этибди ва китобини кўрсатиб, ҳар бир қисмдан биттадан шеър олиб куйга солишни сўрабди. Куйчи бир нафас ўйга чўмиб жим қолибди-ю сўнг қўмузини созлаб, қўшиқ бошлабди. У жуда узоқ куйлабди. Тинглаб турган одамлар зерикиб, «бир қисмдаги шунча бўлса, ҳали роса диққи нафас бўлар эканмиз» деб туришганда куйчи қўшиқни тўхтатибди ва қўмузни ерга қўйибди. Маълум бўлишича, у ҳамма қисмлардан мағзини танлаб олиб, бир қўшиққа жамлаган экан. Шоир куйчидан, нега шундай қилдинг, деб сўраганда у жавоб берибди:
— Дўстим, — дебди у, — мана менинг кўмузим. Унинг учта тори бор. Мен аввал биринчисида, кейин иккинчиси-да, кейин учинчисида куй чалмайман.
БАЪЗАН ШУНДАЙ БЎЛАДИ. Баъзи шоирлар санъат асари яратаётганга эмас, якшанба сайилида пойга чопаётганга ўхшайди. Улар отларининг бўйнида беш минут ғалаба рўмолчасини кўриш учун шўрликни ўлар ҳолатга етказиб қамчилашади. Рўмолча ўша куннинг ўзида ечиб олинади. Лекин отнинг сонидаги яра бир йилгача битмайди. Улар худди телетллик Алибўлатга ўхшаб... дарвоқе, ахир сиз Алибўлат воқеасини билмайсиз-ку.
Хунзах ноиби бир кун навкари Алибўлатни чақириб:
— Эртага эрта билан Телетл овулига бориб келасан. Тайёрланиб тур, — деди.
— Хўп бўлади, — деб жавоб берди содиқ навкар. Ҳали тоғлардан тонгги туман тарқалмай Алибўлат отига эгар уриб йўлга чиқди. Кун тепага келганда навкар Хунзахга қайтиб келар эди. Йўлда учраган таниш тоғликлар ундан:
— Ҳорма, Алибўлат, қаёқдан? — деб сўрашди.
— Телетлга бориб келяпман.
— Нима иш билан?
— Мен қаёқдан билай. Кеча ноиб бориб келасан, деган эди, бориб келяпман.
Адабиётимизда ҳам баъзан ана шунақа Алибўлатлар учраб туради.

МАВЗУ ҲАҚИДА ШЕЪР

Ўсмир эдим. Бир тўйга кириб
Илк бор тотдим шароби қирмиз.
Шунда менга таёнчи бериб,
Дедиларки, танла рақсга қиз.

Турар эдим лол этиб ҳайрат,
Билмай сози қайси сарвиноз.
Шунда менга бериб маслаҳат,
Дер эдилар: уни қўй, бу соз —

Йиллар ўтди. Менга соз тутиб
Дедиларки, юртни куйга сол.
Лекин ҳамон менга ўргатиб
Дерлар, умас, буни куйлай қол.

ЯНА МАВЗУ ҲАҚИДА. Баъзи ёшлар уйланиш вақтида ўзларига, ўз юракларига кулоқ солмай, аллақайси амма-холаларидан маслаҳат сўрайдилар. Ёзувчи ижодида муҳаббатсиз никоҳ бўлмайди. Ҳаётда муҳаббатсиз никохдан ҳам тирик болалар туғилади. Тўғри, муҳаббат қанча зўр бўлса, болалар шунча чиройли бўлишади, деган гап бор. Аммо ёзувчи ўз мавзусига муҳаббат қўймаса, бундан фақат ўлик асарлар туғилади. Шундай экан, ёзувчи мавзу билан никоҳга киришдан олдин фақат ўз қалбига қулоқ солиши керак.
Амма-холаларнинг маслаҳати билан ёзилган шеърнинг тақдири бир ошнамнинг китоби тақдирига ўхшайди.
ОШНАМНИНГ КИТОБИ ТЎҒРИСИДА. Қайси йилидир, эсимда йўқ, мамлакатга Гоголлар ва Шчедринлар керак, деган гап чиқиб қолди. Совет ҳажвий адабиётига талаб кучайиб кетди.
Ошнамнинг ўзи — бироз шоир, бироз ҳикоянавис, бироз муҳаррир. Хуллас — адабиётчи. У чақириққа лаббай деб жавоб берди ва ҳажвий шеърлар китобини ёзиб ташлади. Китобда у совет турмушига ёт бўлган туҳмат, лаганбардорлик, текинхўрлик, кўпхотинлилик каби иллатларни танқид ўти остига олди.
Китоб дўкон токчасига чиқмасдан бир танқидчи шоирни дўппослаб мақола ёзди. Мақолада шундай гаплар бор: «Бизга Гоголлар ва Шчедринлар керак, деган шиорни муаллиф жуда оддий, бир томонлама тушунган. Мана, бизнинг орамизда қандай қора юрак бадбин одам бор экан. Наҳотки бизнинг совет воқелигимизда ана шундай нусхалар бўлса! Йўқ, бўлиши мумкин эмас. Буларнинг ҳаммаси қора юрак одамнинг қора ўйларидан чиққан. У ўзининг бўҳтон китоби билан душман тегирмонига сув қуймоқда».
Катта бошлиқ Мухторбеков столни муштлаб бақирди:
— Қани, айтинг-чи, шунақа дангаса, ишёқмас, бунинг устига ичкиликбоз бригадирни қаерда кўргансан?
— Ўзимизнинг овулда кўрганман, — деди бошини эгиб муаллиф.
— Бўҳтон! Шундай илғор колхоз жойлашган овулда бунақа бригадир бўлиши мумкин эмас.
Хуллас, бечора шоир балога қолди. Поляк журналида чиққан ҳазил суратдаги воқеанинг ўзи бўлди қўйди. Бу суратда баланд бинонинг биринчи ва тўртинчи қават балконларида турган икки киши тасвирланган. Пастдагиси юқорисидагисига ғишт отади. Лекин ғишт нишонга етмасдан қайтиб, отган одамнинг бошига тушади. Юқоридаги одам ташлаган ғиштлар ҳам пастки балконда турган бечоранинг бошига тушаверади. Сурат «қуйидан қилинган танқид ва юқоридан қилинган танқид» деб номланган.
Кимдир омадсиз шоирга маслаҳат бериб, энди айбингни бўйнингга ол, мажлисларда, газеталарда, радиода, хуллас, имконият туғилган жойда айбингга иқрор бўлиб тавба қил, дебди. Шундан кейин шоир ҳамма минбарлардан кўкрагига уриб афсус, надомат билан тавба қила бошлади.
Лекин бунинг ўзи етмади шекилли, бир кун Мухторбеков шундай деди:
— Сенинг туҳмат шеърларингдан кейин сенга ишонч йўқ. Энди тузалганингни ишда, ижодда кўрсат.
Ошнам айтганини қиладиганлардан эди. У тузалганини ишда, ижодда кўрсатишга қарор қилди ва «Меҳнатсевар Маржанат» деган достон ёзди. Достон қаҳрамони меҳнатсевар қиз Маржанат қолоқ колхозни бир зарб билан илғор колхозга айлантиради, ҳамма планларни ортиғи билан бажариб, охирида ҳаваскорлар тўгарагида ҳам биринчиликни олади. Достонни дарҳол журналда ва алоҳида китоб қилиб нашр этишди. Лекин бу вақт ичида замон зайли ўзгариб, янги гап чиқиб қолди. Шоирни ҳажвияси учун қоралаган газетанинг ўзи энди уни ҳаётни бўяб кўрсатишда айблаб, роса дўппослади. Мухторбеков яна столни муштлаб ўдағайлади.
— Қани, айт-чи, ҳеч бир камчиликсиз колхозни қаерда кўргансан? Бундай идеал колхозни қаердан олдинг?
Айбдор бу сафар индамади. Баъзан киши шундай тугунга дуч келадики, уни қўл билан ечиб бўлмайди — жуда чигал. Тиш билан ечай десанг, оғиз уриб бўлмайди — жуда ифлос... ошнам ана шундай тугунга дуч келиб қолганини англаб, индамай бош эгиб тураверди.
Шу индамаганича роппа-роса ўн йил индамади. Ҳатто Ёзувчилар союзига ҳам келмади. Ёлғон бўлмасин, бир марта келди — квартира тақсим қилинаётган эди. Бундай вақтда, ахир, келмасликнинг иложи йўқ-да.
Шу орада катта бошлиқ Мухторбековни ишдан олишди. Кўзбўямачилик қилгани учун. Бундан ҳеч ким ҳеч қанча қайғургани йўқ.
Мухторбеков чўмилишни яхши кўрар эди. У эрталаб ва кечқурун катта қора «ЗИМ»да алоҳида ажратилган пляжга келар ва йўғон гавдасини Каспийнинг муздек шўр сувига ботириб ўтирар эди. Унинг уйи шундоқ денгиз қирғоғида. Лекин ҳеч ким букун уни денгизда кўрмайди. Чунки умумий пляжга келишга бўйин ёр бермайди. Отдан тушса ҳам, эгардан тушгиси келмайди.
ЯНА МАВЗУ ҲАҚИДА. Кўчага чиққанингда атроф турли қушларга — чумчуқ, қалдирғоч, мусичаларга тўла бўлади-ю, лекин кўзинг дастлаб олис кўкда парвоз этаётган бургутга тушади. У қанча кўздан узокда бўлмасин, киши аввало уни кўради, кейин атрофдаги бошқа қушлар — чумчуқлар, мусичалар, қалдирғочларга қарайди. Лекин бургутни кўрганинг билан бургут бўлмайсан. Қаҳрамон ҳақида асар ёзган ёзувчи ўзи каҳрамон бўлиб қолмайди. Мардонавор шеърлари билан машҳур бўлган қанча қуёнюракларни ўзимтанийман. Агар тоғ ўлкасининг ботир ўғли Махач Дадахаев тирилганда эди, ўзи ҳақида диссертация ёзган «олим»га шундай деган бўларди:
— Ўзинг-ку ёзган асарингни бирор сатрини муҳаррирдан ҳимоя қилолмайсан. Ҳар қайси муҳаррир китобингни ўзи истаган куйга солиб таҳрир қилади. Бунга қарши сўз айтгани ўзингда заррача жасорат йўғу, менинг мардлик ва жасоратим ҳақида асар ёзиб нима қиласан?
Махач Дадахаев тирилган бўлса албатта шундай дер эди.
Баъзилар улкан мавзуларни қаламга олиб, ўзим ҳам улкан ёзувчи бўлдим деб ўйлашади. Лекин улар энг улуғ нарса энг содда нарсада эканини тушунмайдилар. Улуғ одамбилан тубан одам ўртасидаги фарқ шуки, тубан фақат йирик нарсаларнигина кўради, бурнининг тагида турганини кўрмайди. Улуғ одам эса йирик нарсани ҳам, кичик нарсани ҳам кўра билади, энг майда нарсада энг улкан нарса ётганини кўради ва одамларга ҳам кўрсатади.
ХОТИРА. Баъзан шундай бўлади: талантли ёзувчилар хомуш, талантсизлар мағрур бўлиб юришади. Бундай ҳолат ёзувчининг фақат яхши нияти қадрланиб, китобнинг қандай маҳорат билан ёзилгани, муаллифнинг талант кучи бе-эътибор бўлган пайтда воқе бўлади. Бундай пайтда маслаҳат берувчилар маслаҳат олувчилардан, даллоллар молдан, маҳмаданалар ёзувчилардан кўп бўлади.
Худди ана шундай вақтда тинчимаган отам Шомил ҳақида достон ёзди. Достон энди босилиб чиқадиган пайт-да Шомилга инглиз-турк жосуси деган тамға босилди. Шомил йигирма беш йил Доғистон халқларининг озодлиги учун эмас, уларни алдаш учун жанг қилган эмиш.
Энди қаҳрамоннома ёзган отамнинг аҳволи нима кечди денг. Унда, бизнинг шундай ёрқин давримизда қора ўтмиш бисотини кавлашдан фойда нима, ҳозирги кунимиз ҳақида бошқа бир асар ёз, деган ишорани қилишди.
Ўша кунлари бизнинг уйимизга Абутолиб тез-тез келиб турар эди. У доим зурнасини ёки найини кўтариб келарди.
— Ҳамзат, — деди Абутолиб бир кун, — бунча кўп қайғураверма. Мен болалигимда, ҳали шеър ёзишни билмаган пайтларимда зурна чалиб кун кўрардим. Неча йил бу зурна мени, бола-чақамни бокди. Кел, ёшлигимизни эслаб, бир-икки йил шеърни йиғиштирайлик-да мусиқа билан шуғулланайлик. Мен зурна чаламан, сен — ноғора. Бу иш анча енгил ҳам...
— Қўйсанг-чи, Абутолиб. Биз зурначи ёки ноғорачи бўлсак-ку майли эди-я, ҳар қалай биз чалган оҳангга ўйинчилар, дорбозлар ўйнашарди. Лекин алам қиладигани шуки, булар бизнинг ўзимизни дорбоз, ўйинчи қилишмоқчи.
Қувноқ Абутолиб ўйга чўмиб хомуш бўлиб қолди. Зурнасида қайғули оҳангдаги куйни чалди, сўнг аста бош кўтариб деди:
— Шеър иши нақадар мушкул иш экан.

Qayd etilgan