- «ФАУСТ»ДАН ПАРЧАЛАР -
Узоқ ҳаёт йўлини ўтдиму босиб,
Олам ҳикматини айладим якун.
Ким эрк, ҳаёт деб жанг қилолса ҳар кун,
Эрку ҳаёт учун ўша муносиб.
И.Гёте
БАҒИШЛОВ
Борлиғим банд этган алдоқ соялар,
Яна бўлдингизми қаршимда пайдо?
Шоядки назмингиз бўлса муяссар,
Ёшлигим шавқлари сўнганми ва ё?
Йўқ, сиз туман каби босиб сарбасар,
Ўйларим чулғанди дудингиз аро.
Сиз билан тин олсам тўлар кўкрагим,
Сиз билан яшарар менинг юрагим.
Мози лавҳалари жонланур яна,
Фусункор тонглару сеҳрли тунлар,—
Жонланур мисли бир ажиб афсона
Ёшлигу илк бора севишган кунлар.
Ўтмиш ва эзгулик соғинчи мана,
Дилимда қўзғаркан аламли унлар,
У ёруғ чошгоҳда бўлганлар омон.
Сизни эҳтиром-ла эслайман ҳамон.
Сўнгги қўшиқларим эшитолмади
Китобим илк бобин тинглаган дўстлар,
Букун ул даврадан ҳеч ким қолмади,
Қайлардадир сўнди илк мақтов сўзлар.
Бебаҳралар фикрин ҳеч йўқ қиммати,
Олқиши дилимга солади музлар.
Ул хассос зарифлар йитди бу замон
Кимсасиз йўлларда бесару сомон.
Яна чорлар мени илоҳий бир ун,
Яна хаёлларга чулғанди бошим.
Сабо арфасидек ҳазин ва сермунг.
Қуйилар сатрлар, қани бардошим!
Музлаган жисмимни эритар букун
Кўзимдан қуйилган қайноқ бу ёшим.
Бу олам чекинур, ўтмиш-чи, аён —
Кўзларим олдида бўлар намоён.
ТЕАТР МУҚАДДИМАСИ
Театр директори, шоир ва қизиқчи
Директор
Сиз икковлон бердингиз мадад
Танг бўлганда неча бор ҳолим.
Айтинг, бу гал келгайми омад,
Кулгаймикин бу гал иқболим?
Халқ беҳисоб бўлса бойлик бешумор,
Бу боис излармен унга на лойиқ.
Тахталар терилган, саҳна ҳамтайёр,
Бизлардан томоша кутар халойиқ.
Қошлар кўтарилмиш, нигоҳлар чанқоқ
Қувончу ҳайратнинг иштиёқида.
Менга аён эрур бу санъат, бироқ —
Букун ёнурман дил иштибоҳида.
Гарчи томошабин диди эмас зўр,
Лекин китоб кўрган, шу боис сергак.
Агар бўлсин десак томоша манзур,
Дўстларим, албатта янги гап керак.
Қани, томошагоҳ бўлсаю тўлиқ,
Атрофида яна оломон турса,
Шу тор эшикларга ҳар кеч халойиқ
Жаннат эшиги деб ўзини урса.
Ёдимда, бир маҳал ҳали ботмай кун,
Бошланарди бунда ғулу, тўполон.
Гўё патта эмас, оч халойиқ-чун
Мана шу дарчадан улашилар нон.
Бундай мўъжизага сен фақат қодир,
Кўрсат сеҳринг яна, азизим шоир!
Шоир
Қўйгил, қора халкдан гапирма асло,
Шовқиндан кўнглимга тушар изтироб.
Оломон ҳисларни ютувчи бало,
Сурон — тафаккурни кўмгувчи гирдоб.
Кўнглим осудалик излар доимо.
Чўққилар ёпиниб туманлик ҳижоб,
Мудраган ул маъво сари бошла, юр!
Илоҳий сукутдан топурман сурур.
Юрак ўз тубида ардоқлаган ҳис,
Лабда қанот ёзмоқ бўлган туйғулар
Ташна кўнгилларда қолдирмаёқ из
Замон суронида дарҳол бўғилар.
Бас, ўйлар тошқинин тиндиролсак биз,
Мукаммал гўзаллик шунда туғилар.
Жилванинг умридур бир лаҳза фақат,
Авлодларга қолур ҳақиқий санъат.
Қизиқчи
Яна авлодларми, тегди-ку жонга!
Меҳнат қилсам фақат келажак онга,
Букунги ёшларни хурсанд қилур ким?
Замонга ёр бўлиш кичкина ишмас,
Чин дилдан кулдириш бачкана ишмас,
Кулки — зар, кўчада ётмас, азизим.
Биздан шодлик тилаб келар халойиқ,
Унга қулоқ солган ҳурматга лойиқ.
Халойиқ кўп бўлса зўр бўлур таъсир,
Азиздир қалбларни қилолган асир.
Қобилият бўлсин, гапнинг сираси,
Жам бўлсин бир ерда акл ва туйғу,
Хаёлнинг парвози, шавқ силсиласи
Сўнг андак топқирлик, бир чимдим кулгу.
Директор
Лекин энг зарури, саргузашт бўлсин,
Кўзга қувонч бўлсин, дилга гашт бўлсин.
Андак ўрин беринг тафсилотга ҳам,
Томоша қалбларни банд этсин токим.
Тўдани ҳангу манг қилолган одам
Унинг юрагига
Бўлолгай ҳоким.
Яхлит гўшт берай деб ўлтирманг толиб,
Халқ ёвғон бўлса ҳам раҳмат айтади.
Ҳар ким чўмичига сиққанча олиб,
Сизга қуллуқ қилиб уйга қайтади.
Фақат кўпчиликка кўп нарса керак,
Баракали бўлсин шунинг-чун қозон.
Яхлитдан халқ учун фойда йўқ, бешак,
Барибир бурдалаб ташлар аламон.
Шоир
Санъатда косиблик — козибликка тенг,
Наҳот одатийдир сизга бу ҳолат.
Бу ерда ноқобил қаламкашларнинг
Ҳурмати баландга ўхшар бағоят.
Директор
Бундоқ таъналардан камина хандон —
Чунки бу гапларнинг барчаси бекор.
Дўстим, ҳар ҳунарнинг ўз амали бор,
Тахтага арра-ю, темирга сандон.
Томошагоҳ агар чор бозоримиз,
Томошабин бизнинг харидоримиз.
Ўйлаб кўринг, недир унинг матлаби?
Биздан нима тилар, асли ўзи ким?
Унинг томошага келиш сабаби...
Барини ҳисобга олмоқ шарт, дўстим.
Биров зериккандан келади бизга,
Бирови шунчаки ҳазми таомдеб.
Бировининг тушиб дониши эсга,
Бир-иккита гўлни қилурман ромдеб.
Хонимлар томоша кўрмоққа тугул
Кўрсатмоққа келур фақат ўзларин.
Улар кўз-кўз қилиб кетишар бепул
Ёкадаги тулки ва қундузларин.
Эй, хаёл кўкида учган шоирим,
Тушинг энди пастроқ, заминга ёвуқ.
Берироқдан қаранг — томошабин ким?
У қўпол, бефаҳм, ҳиссиз ва совуқ.
Бу даргоҳдан чиққач бирон қиморга,
Биров фахш уйига урар ўзини.
Бас, бунда нима бор юксак ашъорга,
Кимга ёқмоқчисиз қалб юлдузини?
Такрор айтаманки, кўп ёзинг фақат,
Гап кўп бўлаверсин, фикр шарт эмас.
Халойиқни ҳанг-манг қилолсангиз, бас,
Сизникидир обрў, сизники шуҳрат.
Нечун ўйга чўмиб қолдингиз бесас,
Ёки илҳом билан қилурсиз суҳбат?
Шоир
Бор, изла ўзингга бўлак хизматкор,
Сен бошлаган йўлга асло бормасман.
Менда тангри бермиш олий ҳуқуқ бор,
Сени деб мен уни лойга қормасман.
Шеърият қалбларни ёқур не сабаб?
Наҳот боис бўлса баландпарвоз гап!
Шоир юрагида пинҳондир олам,
Жаҳоний уйғунлик унда мужассам.
Парвосиз табиат замон чархида
Тириклик ипини йигиргани чоғ
Баркамоллик бўлмас унинг тархида,
Аралашиб кетар гоҳи хас, пўчоқ.
Чарх ишига шунда ким берур тўзим,
Ҳаёт риштасига ким берур оро?
Борлиқнинг бетартиб суронига ким
Мусиқий оҳангдек бахш этар жило?
Кимдир шайдо қалбнинг туғён чоғини
Тўфон шиддатига қилгувчи қиёс?
Кимга муҳаббатнинг ўт фироғини
Сўйлайдур ҳар оқшом ботгувчи қуёш?
Ким ул боғда унган оддий печакни
Шуҳрат гултожига этди баробар?
Кимнинг изми ила олам чечакни
Маҳбублар пойига сочди саболар?
Кимдир ул, забт айлаб Олимп маснадин,
Тангрилар посбони бўлолган қодир?
Улдир одамзотнинг буюк қудратин
Қалбида мужассам айлаган шоир.
Қизиқчи
Шундай экан, демак, илҳомни чоғланг!
Ўшал сеҳрингизни кўрсатинг, наби.
Ҳодисалар ипин тезгина боғланг
Муҳаббат риштасин боғлаган каби.
Ахир севгида ҳам шу бўлур такрор,
Тасодиф учрашув, дўстлик, сўнг оҳ-воҳ,
Уришиш, ярашиш, бўса ва никоҳ.
Мана, қарабсизки, достон ҳам тайёр.
Мана, ёза қўйинг шунинг ўзини,
Бу гап ҳар қадамда — қўл чўзсангиз бас.
Ҳар кимўз қалбини ўзи англамас,
Уни кўрсатсангиз очар кўзини.
Ёлғонни дўндиринг, қайнангу жўшинг,
Лекин икки оғиз рост гап ҳам қўшинг.
Шунда сиз тайёрлаб узатган шарбат
Ҳам арзон бўлади, ҳам жонга лаззат.
Савлат тўкиб шунда эл кўрки ёшлар
Шу эшик олдида йиғила бошлар.
Сиз тутган ажойиб неъматдан тотур,
Ҳар ким ўз қалбига керагин топур.
Барча қулоқ тутиб, кўз қайдадур жим,
Бу даргоҳдан қуруқ қайтмайдур ҳеч ким.
Кулар, кўз ёш тўкар қалби гўдаклар,
Томошадан узмас ҳайрат кўзини.
Кимки тутиб олган бўлса ўзини,
Унга асар қилмас турфа эртаклар.
Лекин қадам қўйган ҳаётга илк бор,
Барин англар, қилар ташаккур изҳор.
Шоир
Сен ҳам менга ўшал ёшликни қайтар,
Ҳаётга илк қадам қўйган онимни.
Қайтариб бер менга оташин байтлар,
Куйларга пайваста жисму жонимни.
Оламни чулғаган тонг тумонида
Ҳайрат кўзин очган чоғларим қайтар.
Ёшликдай етилган баҳор онида
Мени гулга кўмган боғларим қайтар.
Қайтиб бергин менга ёшлигим, у пайт
Ўзим гадо ва лек кўнглим шоҳ эди.
Мен учун ошу нон — шеър ва ҳақиқат,
Илҳомила тўқу кўнглим чоғ эди.
Қайтар менга — ҳали доно бўлмаган
Суронли ул шўху бебошлигим бер.
Меҳри ҳам, қаҳри ҳам сарҳад билмаган
Жунун ошиноси — ўт ёшлигим бер.
Қизиқчи
Ёшлик, азиз дўстим, жангларда керак,
Душман ҳамла қилса у берур сабот.
Жононлар бўйнингга солсаю билак,
Ўзинг кекса бўлсанг — ундан сўр нажот.
Ёшлик керак бўлур маррага қадар —
Лаҳзаларни қучиб югурган чоғинг.
Май ичиб, шод бўлиб то оппоқ саҳар
Суронли даврада ўлтирган чоғинг.
Ва лекин рубобнинг торин чертмоққа,
Ўрганган оҳангинг қилмоққа такрор,
Сўз билан дилларни асир этмоққа.
Азизим, аксинча, кексалик даркор.
Дерларки, кексалик келгач доимо
Болалик қайтармиш, ҳайрон қоламиз,
Аслида ҳаммамиз ўлгунгача то
Оламдан ғофилмиз — гўдак боламиз.
Директор
Бас, етар, сафсата сотмас иш билган,
Бекорчи сиз-биздан қанчалик фойда?
Вақт ўтказмоқ нечун такаллуф билан
Дарҳол келишмоққа имкон бор жойда?
Шеърий кайфиятни тек кутган шоир
Умр сўнгигача кутиши мумкин.
Агар шоир бўлса чинакам олғир,
Илҳом этагидан тутиши мумкин.
Бизга нима керак сизларга аён,
Сиздан шинни қилиш — бизлардан қозон.
Тезгина киришинг, фурсат кутмайди,
Шартта қилинмаса ҳеч иш битмайди.
Кун ўтдими тамом қайтмайди у ҳеч,
Иш жиловин тутинг, то бўлмасин кеч.
Немис саҳнасида, кўринг ўзингиз,
Ким нима хоҳласа қилиб ётибди.
Сиз ҳам иш кўрсатинг етса кўзингиз,
Қандай асбоб керак тўлиб ётибди.
Сизга нур керакми — мана чироқлар,
Қанча керак бўлса аяманг, ёқинг.
Мана бунда бўрон — бунда чақмоқлар,
Ёнғин керак бўлса бу ёнга боқинг.
Бутун коиноту юлдузли олам —
Шу кичик саҳнада бўлмиш жамулжам.
Осмон қабатларин баридан ўтиб,
Бунда тушмоқ мумкин токи жаҳаннам.
АРШИ АЪЛОДАГИ ДЕБОЧА
Тангри, само қўриқчилари, сўнг Мефистофель. Уч малоика
Рафоил
Мусиқий самовот қабатларида
Азалий йўлидан еларкан шитоб —
Гулдурос таратиб фалак қаърида
Овоз бермоқдадир жаҳонга офтоб.
Ҳайрат нигоҳини тикмиш малаклар,
Ажабким, куч бермиш белгисиз дунё.
Яралиш онидан то бу дам қадар
Мангу машаррафдир сунъи таоло!
Жаброил
Ақл бовар этмас суръат-ла замин
Маҳвар даврасида чарх ураётир.
Зулмат кечасининг қувлаб қадамин,
Жаннат нурин сочиб тонг тураётир.
Денгизлар хубобдин юзга тўр тортиб,
Вазмин қояларни ювар дамодам.
Қоя, денгизларни елкага ортиб,
Елиб бормоқдадир курраи олам.
Микоил
Йўлида не кўрса отиб серзарда,
Жунун туғёнида кўтариб сурон,
Гоҳи уммонларда, гоҳ саҳроларда
Ҳукм сурмоқдадир даҳшатли бўрон.
Титрар гулдиракдан гумбази даввор,
Шамширин кўтарур ер узра чақин.
Ва лекин, эй холиқ, бул мўъжизакор —
Сенинг қудратингга ўқиймиз таҳсин.
Учовлон
Мусиқий самовот қабатларида
Азалий йўлидан еларкан шитоб,
Гулдурос таратиб фазо қаърида
Овоз бермоқдадир жаҳонга офтоб.
Мефистофель
Малоикалардан, эй тангрим, яна
Сўроқлаб турибсан: «Оламда не гап?»
Авваллар мени ёт тутмасдинг. Мана,
Ҳузурингга келдим мен ҳам шу сабаб.
Биласанки, сўзга чечанлигим йўқ.
Баъзи малаклардай ваъз айтмамқуруқ.
Агар баландпарвоз нутқ сўзлар бўлсам
Юмалаб кулардинг ҳаттоки сен ҳам.
Гапирмайман, юлдуз, сайёралардан,
Сўзлайман ер узра оворалардан.
Инсон — коинотда кичкина худо,
Шундай яралган у азал ибтидо.
У балки тузукроқ яшарди букун,
Сен солмаган бўлсанг кўнглига учқун.
Ўша учқунни у ақл деб атар,
Куни у туфайли ҳайвондан баттар.
Кечир, гарчи унга бердинг башар от,
Аммо яшаётир мисли ҳашарот.
Худди чигирткадек хас-чўплар аро
Гоҳ учар, гоҳ сакрар, гоҳ тузар наво.
Майли эди юрса маконида жим,
Ҳар ишга тумшуғин суқар у, тангрим!!
Тангри
Арзинг шуми? Яна ўша эски гап!
Бир ишкал топурсан ҳар ишдан, ажаб?
Рўзи оламдин сен, демак, норизо?
Мефистофель
Тангрим, оламингда иш жуда расво!
Шундай уқубатда яшарки одам —
Раҳмим келар унга ҳатто менинг ҳам.
Тангри
Фаустни танирсан?
Мефистофель
Табибми?
Тангри
Қулим.
Мефистофель
Гапинг тўғри, аммо тоат усулин
Бажо этар қулинг ғоят турфа ҳол,
Унинг ғизоси не — тушуниш маҳол.
У курашни севар — ошадир довон,
Йирок манзилларни кўзлар доимо.
Истар — юлдузларин узатсин осмон,
Ер эса бахш этсин туганмас сафо
Ва лекин ҳар нечук бўлса комрон —
Таскин топа олмас у кўнгил асло.
Тангри
Биламан — мен учун умри меҳнатда.
Демакким ҳидоят бўлгай сарвари.
Ниҳол экар бўлса боғбон албатта —
Кўз олдида бўлар гули, самари.
Мефистофель
Гаровга тайёрман! Ишончим комил,
Бу қулингни сендан тортиб оламан.
Мен ўзим уни бир йўлга соламан,
Ваколат бер — менман бу ишга омил.
Тангри
Майли, синаб кўргин, сенда ихтиёр,
У то тирик экан қўлингда сенинг.
Изланиш бор ерда адашиш ҳам бор.
Мефистофель
Раҳмат, тангрим. Ўлик зотларда менинг
Зарра ишим йўкдир. Улар не даркор?
Мени тортар ўзга фақат тирик жон,
Юздаги қизиллик, юракдаги қон.
Керак эмас менга мурдалар асло,
Тирик сичқон керак мушукка ҳатто.
Тангри
Топширурман уни ихтиёрингга,
Ҳар қанча тубанлик бўлса — бошлагин,
Кўрайин, қанчалик эргашур сенга,
Майли, олиб бориб жарга ташлагин.
Сен гаровни сўзсиз бой бердинг, аён,
Зулматдан йўл топиб чиқолур инсон.
Унга чироқ бўлур мен берган идрок.
Мефистофель
Гаров ўйнамоққа розиман бебок,
Лекин аён бўлур ўтмай кўп фурсат,
Таслим бўлар менга одамзод албат.
Кўрарсан, сен шунча ишонган одам
Тупроққа қоришиб бўлади барбод.
Бамисоли менинг суюкли холам —
Илондек судралиб кечиргай ҳаёт.
Тангри
Ўшанда келақол, тортинма сира,
Сен кабилар менга ёт эмас, ишон.
Барча иблислару гумроҳлар ичра
Менга яқинроқсан, алдоқчи шайтон.
Инсон табиати уйқуга мойил,
Сен унга қутқу сол, туртиб тур доим.
Атрофида айлан, қўзғот эрта-кеч,
Ҳар замон бедор тут, оромберма ҳеч.
(Малоикаларга)
Эй, сиз фаришталар, меҳру донишнинг
Суюк фарзандлари, сўзим эшитинг.
Олам гўзаллиги завқ берсин сизга,
Кимки юрагида шавқ билан яшар —
Кимки аламчекар, ёнар, курашар,
Ёру ҳамроҳ бўлсин юрагингизга.
Осмон ёпилади. Малоикалар тарқалишади.
Мефистофель
(Ёлғиз)
У сўзлар нақадар сокин, мулойим!
Унга ўзни яқин тутаман доим.
Бу чолнинг ажойиб бир хислати бор,
Ҳатто иблисга ҳам бермайди озор.
Биринчи қисм
ТУН
Готик услубда ишланган шифти қуббалик уй. Фауст миктобга қўйилган очиқ китобга кўз тикиб курсида бедор ўлтиради.
Фауст
Илоҳиёт ила банд бўлдим,
Файласуфи хирадманд бўлдим.
Илми ҳуқуқ, илми табобат —
Барчасини ўргандим, фақат,
Фақат менга бир нарса аён:
Нодон эдим, нодонман ҳамон.
Бордир доктори, магистр отим,
Ўн йилдирки, кечар ҳаётим
Шогирдларни алдамоқ ила,
Гоҳ ўнгу гоҳ терс сабоқ ила.
Таҳсил кўрар улар бесавоб,
Шундан чекар виждоним азоб.
Мен-ку авло уламолардан,
Табиблардан, фузалолардан,
Булар ичра жин урмаган кам, —
Мендан-чи, дарс олур жинлар ҳам.
Кимлигимни биламан, аммо —
Ғурур ила санамам асло
Ўзни олам боғибони деб,
Аҳли одам чароғбони деб.
Топганим йўқ бойлик ва шуҳрат,
Тотганим йўқ ҳаётда лаззат.
Ит чидамас, бу қандай ҳаёт!
Мен жодудан изладим нажот.
Токи руҳлар келсин, чорласам,
Аён этсин асрорни олам.
Токи мен ғўр, жаҳолатга банд —
Санамайин ўзни донишманд.
Танҳоликда билайин, олам
Қай куч ила уйғун эрур, жам.
Кўнгил бермай нодон бидъатга,
Токи етай туб ҳақикатга.
Ой, сен менга бедор ошино,
Тунлар кўниб дарчамга танҳо,
Мен хат узра чекканда заҳмат,
Ўзинг бўлдинг тонггача улфат.
Қани энди, эй моҳи анвор,
Кўрсанг мени бунда сўнги бор,
Улфат бўлсам сенга тоғларда.
Чулғаб тонгги мовий туманлар,
Фаришталар бирла ғилмонлар —
Ўйнаб учган кўк ўтлоқларда
Шабнам кечиб чопсам, унутсам
Диққи нафас олимликни ҳам.
Танҳоликнинг дарди юракда,
Лекин ҳануз мен шу катакда.
Бунда ёлриз нақшин дарчадур,
Тушмас ундан ҳатто парча нур.
Чангга ботган китоблар билан
Тўла бу уй шипга қадар то.
Бу кулбада чироқ дудидан
Ҳатто ёруғ кундуз ҳам қаро.
Бунда сонсиз сўнгак қалашган,
Оламинг шу — шу сенга маскан.
Айтгил, яна не учун пайдо
Юрагингда бўйла ҳаяжон?
Не асрорким, бу зиндон аро
Йиллар ўтиб бўлмадинг хазон?
Айтгил, нечун кечдинг тангри ёр —
Табиатнинг тирик жонидан?
Девор ичра ясадинг девор
Аждодларнинг устихонидан?
Қоч бу ердан, ўтказма дамни!
Кет ва ҳамроҳ этиб йўлингга
Сирлар тўла Нострадамнинг
Китобини олгин қўлингга.
Шунда сенга юлдузли само
Аён қилур тириклик розин.
Кўнглинг бўлур доғдан мусаффо,
Тинглагайсан руҳлар овозин.
Аммо улар белгиси мавҳум,
Шарҳ этолмас қуруқ тафаккур.
Эй сиз, руҳлар, сизни чорлагум,
Жавоб беринг, кўргузинг зуҳур...
(Китобни очади ва макрокосм белгисини кўради)
Менга бу сирли хат бахш этиб қудрат,
Қўзғар юрагимда шодон туйғулар.
Бу нечук синоат, бу нечук ҳикмат,
Қайта тангри яратмиш ушбу белгини,
Яратмиш дардларига даво айламиш,
Ғуссалар тунидан қутқармиш мени.
Борлиқ кўз олдимда мисоли суврат,
Гўё менинг ўзим холиқи кудрат,
Гўё илкимдадир жаҳоний миръот,
Гўё кафтимдадир бутун коинот.
Аё бўлмиш менга бу доно ҳикмат:
«Сенинг ёнингдадир руҳлар дунёси,
Эшиги қулф эмас, сен кўрсан фақат.
Сени чўмилтирса саҳар зиёси,
Кўз очсанг, бу дунё мана, марҳамат».
(Суратни диққат билан кўздан кечиради)
Бу тинимсиз коинот ичра
Ажаб, комил тартиб устивор.
Мулки борлиқ аро қай бурчда
Эҳтиётлик хазинаки бор —
Неча минглаб қанотли жондор
Навбат ила олтин чўмичда
Бир-бирига узатадур боз,
Гоҳи шўнғир, гоҳ қилур парвоз.
Не манзара! Мен учун бироқ
Жонсиз сурат — манзара фақат.
Сенинг қутлуғ оғушингдан, воҳ,
Яна четда қолдим, табиат!
Қандоқ мумкин сенга етишмоқ,
Баҳра олмоқ қучоқларингдан,
Сенинг зилол булокларингдан
Тўйиб-тўйиб шимимоқ шарбат.
(Алам билан янги варақ очади ва ер руҳининг белгисини кўради)
Менга марғуб ушбу аломат,
Замин руҳи ошнодир менга.
У туфайли шавқ ила фақат
интиламан доим олдинга.
Бундай чоғда тайёр бўлурман
Ҳамма учун бахш этмоққа жон.
Куним битган бўлса бенолон
Бош кўтариб мағрур ўлурман.
Бурқиб ётар оқ булут,
Ой бўлди ниҳон.
Чироқ ўчди, тутунга
Чулғанади хонам.
Силаб ўтди қизғиш нур
Аста пешонам,
Вужудимни титратиб
Солиб ҳаяжон,
У дунёнинг даҳшатин
Этиб намоён,
Шипдан бир нафас келди!
Эй, руҳи олам.
Шу ердасан, келақол,
Кел, кел, кел! Тезроқ!
Юрак ёнар! Борлиғим
Сен билан ҳамдам.
Фикри чувалди, таним
Чулғади титроқ.
Кел, келақол, майлига,
Кўрсаму ўлсам.
(Китобни олиб сирли дуо айтади. Қизғиш олов ичидан руҳ пайдо бўлади)
Руҳ
Йўқладингми?
Фауст
(Юз буриб)
Бедаво хилқат.
Руҳ
Дуо билан мени чорладинг,
Кўп ёлбординг, кел деб зорладинг.
Мана, келдим.
Хўш...
Фауст
Қандай даҳшат!
Руҳ
Кел, кел, деди ўзи бетоқат,
Ўзи қилди кўрмоқни орзу.
Мен раҳм этиб ерга тушдим-у,
«Даҳшат» дейди соҳибкаромат,
Қани журъат, эй олий одам!
Туйғуларинг оташи қани?
Ҳа, йўл бўлсин бизга етгани!
Ёки мендан тиларсан ёрдам?
Сенми ўша Фауст, мен билан
Мағрур туриб сўйлашолган зот!
Келдим, — нечун бир сўз демайсан,
Айт, ғуруринг бўлдими барбод?
Қўрқув ичра тўлғанурсан лол
Аянчли бир чувалчанг мисол.
Фауст
Йўқ, руҳ! Қўрққаним йўқ! Сўзларинг абас,
Мен Фаустман — сендан зарра кам эмас.
Руҳ
Мен — ҳаётнинг уммонидаман,
Ҳаракатлар бўронидаман.
Оловга ҳам, сувга ҳам ёрман,
Ҳамма ерда ҳамма вақт борман:
Туғилиш, ўлиш
Нисбатида мен.
Доимо ўсиш
Хизматида мен.
Мен — дарёдурман,
Мавжман — силсила.
Мен — дастгоҳдурман —
Соҳир ип ила
Замон отли кашта тўрин ер узра ёйиб
Либос тиккум илоҳият учун ажойиб.
Фауст
Эй сен, тирикликнинг бетинч даҳоси —
Менинг тимсолим!
Руҳ
Йўқ! Ақлинг зиёси
Кашф этган руҳ фақат сенга ошино.
Мен эмас асло!
(Йўқолади.)
Фауст
(Аламли)
Сен эмасми?
Йўқса, кимдир, айт?
Наҳотки мен —
Тангрига монанд —
Оллоҳнинг тимсоли, шу гумроҳга ҳам
Тенг бўлолмасам?
(Эшик тақиллайди.)
Ана холос! Ғоят бемаҳал ташриф!
Мен руҳ висолига бўлганда мушриф,
Кайфимни тарқатур бадқовоқ, ғалча,
Саёз қироатхон бу муллабачча.
Тунги ёпинчиқ ва тақя кийган Вагнер чироқ кўтариб келади, Фауст нохушлик билан унга қайрилади.
Вагнер
Кечиринг, сиз юнон фожиасидан
Шеър ўқитганингиз йўқми мабодо?
Журъат қилиб кирдим, муддао — сиздан
Шеър ўқиш санъатин ўрганиш, усто!
Воиз олмоқ бўлса рбрў чўққисин,
У актёрга шогирд бўлиб ўқисин.
Фауст
Агар воиз бўлса актёр ўзи ҳам,
Бундай зотлар, ахир, эмас бизда кам.
Вагнер
Биз туну кун уйда қилурмиз меҳнат,
Оламни кўрурмиз байрамда фақат.
Ахир қандай мумкин элни бошқармоқ,
Ибодат аҳлидан биз ғоят йироқ.
Фауст
Чинакам иқтидор йўқ бўлган жойда
Пешона теридан қанчалик фойда?
Ақлу заковатда бўлолса устун,
Воизу носиҳнинг имони бутун.
Кимки ўзи танбал ҳам зеҳни ўтмас.
Бўлмагач янгилик излашга тоқат,
Ўзгалар фикрини такрорлар фақат.
Бундайлар гоҳида топурлар обрў
Баъзи ғофиллару гўдаклар аро.
Ва лекин бўлмаса фикр ва туйғу
Юракдан юракка йўл йўкдир асло.
Вагнер
Аммо катта гапдир овоз, усул ҳам,
Сезаман, тажрибам шу борада кам.
Фауст
Ҳалол обрў олиб ўрганинг ҳар вақт,
Маъни денг, берилманг ортиқ оҳангга.
Қуруқ сафсатаю ваъз эса фақат —
Жаранглаб тургучи қалбаки танга,
Кўнгилда шавқ ўти ёнса чинакам,
Чиройли сўзларин ахтармас одам.
Гар маъни пуч бўлса, қофиялик сўз,
Оҳангдор жумлаю чиройли мақол
Кўнгилни ғаш қилур, бамисоли куз —
Хазон япроқларин учирган шамол.
Вагнер
Ва лекин умримиз қисқадир ғоят,
Билим йўли эса узундан-узоқ.
Каминангиз ҳоли ҳалитдан чатоқ,
Қўрқаман, баттарроқ ўлгай оқибат.
Умрининг ярмини берар баъзилар
Етиб олмоқ учун булоқ бошига.
Лекин ярим йўлда кўпи чўзилар
Урилиб жонбозлик харсангтошига.
Фауст
Қоғоз боса билмас кўнгил ташнасин,
Тафаккур мифтоҳи китобда эмас.
Ҳаёт асрорига интилган ҳар кас
Ўз қалбидан топар сирлар чашмасин.
Вагнер
Бироқ бу оламда энг гўзал ва соз
Ўтмиш асрларга айламоқ парвоз.
Нақадар завқлидир ўрганиб билмоқ —
Қанчалар кетибмиз улардан йироқ.
Фауст
Сизнингча, улар ер, биз эса само.
Ўтмиш асрларга қўл урманг асло!
Ечолмаймиз сирли мозий муҳрини,
Мударрислар айтган замон руҳини
Уларнинг ўз руҳи фикри деб англанг.
Бу — ўтмиш ҳақида эртақдир. Уни —
Ҳақиқий ўтмиш деб айтурлар, аттанг.
Баъзилар ўтмишни қилганда хаёл,
Бир ҳужра кўринур — тўла чувринди.
Баъзиларга эса ўтмиш бамисол
Қўғирчоқ ўйини бўлиб кўринади,
Эмишки, аждодлар бўлмишлар бир чоқ
Бозингар қўлида тирик ўйинчоқ.
Вагнер
Дунё-чи? Ҳаёт-чи? Одамзод ўсди
Билмоқ учун олам сирин мукаммал.
Фауст
Билмоқ ўзи нима? Гап шунда, дўстим,
Бу жабҳада ҳали кўп нарса ишкал.
Олам сирдонига калит топганлар,
Қалб уйин очганлар бўлган хору зор.
Барчага аёнким, уларни минг бор
Гулханга ёққанлар, бутга қоққанлар.
Гап кўп, аммо етар. Дам олиш даркор.
Кеч бўлди, бугунча баҳсимиз тамом.
Вагнер
Менга қолса, қани, тонггача бедор
Бу ажиб суҳбатни этардим давом.
Лекин эрта байрам, фурсат топиб шом —
Келарман. Бирмунча саволларим бор.
Мен кўп ўқийман, кўп биламан, аммо
Билгим келар тўлуғ ва беистисно.
(Чиқади.)
Фауст
(Ёлғиз)
Ўтга, чўққа урар тентак ўзини,
Хазина қидирар солмоқ бўлиб чанг.
Дур излаб кўлмакка тикар кўзини,
Ўзида йўқ хурсанд — топса чувалчанг.
Бунда мен руҳ билан қилганда суҳбат,
Мени лол этганда соҳир сиймоси,
У тинчимни бузди. Лек сенга раҳмат,
Дўзахийлар ичра энг паст гадоси!
Ақлдан озардим ёлғиз, эҳтимол,
Агар эшигимни очмаган бўлсанг.
Руҳ қаршимда эди улкан девмисол,
Мен митти одамдай турардим гаранг.
Мен тангри монанд саналган бир зот
Ўзни илоҳий деб билибман чиндан.
Ғурур кўр қилибди кўзимни, ҳайҳот,
Ҳаддимдан ошибман. Айб ўтди мендан.
Осмоний санадим ўзимни бебок,
Авлиёман дедим, дедим аналҳақ.
Ўйладимўзни мен фариштадек пок,
Даҳолар сингари зўр, ҳукми мутлақ.
Шу ғурур туфайли мен тирик ўлдим,
Чақмоқдай бир сўз-ла чилпарчин бўлдим.
Шармисор этмакка ҳаққинг бор мени,
Руҳ! Келишга мажбур этдим-у сени,
Тутиб туролмадим ва лекин бир дам.
Даҳшатли куч эзди елкамдан шитоб,
Дилимни ўртади сўнгсиз изтироб.
Тубанликка отдинг мени бекарам, —
Тубанликким, шу ер — шу хонаи ғам.
Энди нима бўлди орзу, ширин хоб,
Эзгу хаёлларим айлайми ҳамдам?
Рост, ҳаёт заҳмати қийнамас бизни, —
Ўзимиз тўсамиз ўз йўлимизни.
Қорин деб ўтармиз фоний дунёдан,
Юрак ташналиги бизга бегона.
Юксак мақсадларни кўзлаган одам
Бизларда саналур далли девона.
Энг гўзал, мусаффо, сирли туйғулар
Ҳаёт гирдобида янчилар, ўлар.
Гоҳ илҳом забт этса кўнгиллар кунжин,
Учурмиз чулғаниб мовий туманга.
Лекин елкамизга осилган хуржун
Дарҳол олиб тушар бизни тубанга.
Сафсата виждонга пўшида бўлар,
Ўзимиз танбалмиз, бўшангмиз, хароб.
Шафқат, номус деймиз, аслида булар
Ожизлик юзига тортилган ниқоб.
Турфа хил сабабу узр ягона
Кўнгилни алдамоқ учун баҳона.
Бола-чақа деймиз, уй-жой ва хотин...
Гоҳ ўтдан қўрқамиз, гоҳида сувдан.
Йўқ, булар ожизлик солган қўрқувдан,
Зоҳир ҳадик эса, тубанлик ботин.
Менми худованд? Йўқ, кимлигим аён,
Мен коинот аро кўр бир чувалчанг —
Маҳкумман судралмоқ ва ютмоққа чанг,
Оёқлар остида бўлмоққа қурбон.
Ҳа, умрим кечмоқда босиб чанг, мағор,
Чор атрофим китоб, ўзим тутқунда.
Эски-туски тўла сандиқлар бунда,
Барчаси ғубордир, барчаси ғубор.
Топурманми бунда нима изласам?
Ҳай, минглаб китобдан топдим бир маъно:
Доимо азобда яшаган одам,
Бахт эса ҳамиша бўлган истисно.
Эй сен, бош сўнгаги, тиржайиб ҳамон
Мени масхаралаб турибсанми, айт?
Ё сенинг эганг ҳам мендек бир замон
Шодлик, бахт қидириб топганми кулфат?
Эй сиз, бағри чизиқ, турфа шишалар —
Кимё ашёлари, кулмоқдасиз жим.
Мен сизни калит деб билдим муқаррар,
Лек табиат қулфин оча билмадим.
Табиат ўз сирин ганжина тахлит
Тилсим қопқаси-ла айламиш ниҳон.
Очиб бера олмас ҳеч қандай калит,
Бузиб кира олмас ҳеч бир палахмон.
Эй, мен қўл урмаган синиқ сополлар,
Кимё соҳиби қолдирган бисот,
Эй, сиз, қай замонлар, қайси бир хаттот
Кўчирган қоғозлар — не ҳасби ҳоллар,
Шунча йил сизларга қилгунча тоқат,
Бўлмасмиди бир йўл айласам барбод?
Мерос сақламоққа лойикдир фақат
Ўзи ҳам бир мерос қолдиргувчи зот!
Матоҳ йиғар фақат бечора хасис,
Ҳар янги лаҳзанинг меваси лазиз.
Ажабо, не учун бу сирли шиша
Оҳанрабо янглиғ тортар кўзимни?
Мен нигоҳ ташласам унга ҳамиша
Ойдин ўрмон аро сездим ўзимни.
Сени олқишлайман, эй қутлуғ шарбат.
Кўнглим топинади сен томон фақат,
Инсон яратолган энг буюк неъмат!
Сенда мангуликнинг ширин уйқуси,
Сендадир ўлимнинг энг зўр оғуси.
Кел, ижодкорингга бер букун нажот!
Сенга боқар бўлсам — дардим тағофил,
Сени қўлга олсам — таскин топар дил.
Тинадур у исёнкор юрак қутқуси,
Мени оғушига чорлар йироқлар,
Чорлар янги кунлар, янги қирғоқлар,
Чексиз умонларнинг нурли кўзгуси.
Ана, учиб келди ўтли арғумоқ,
Унинг қанотида учмоқ истайман.
Белгисиз бу олам, сирли бу равоқ
Бағрига отилмоқ, қучмоқ истайман.
Э воҳ, наҳотки мен — хасдек тубан зот
Тангри даргоҳига восил бўлолсам!
Ҳа, ер қуёшидан юз бур, эй одам,
Бир йўл ҳаётингни эта қўй барбод!
Одамзод ақлига даҳшат солгувчи
Ўшал дарбозани қилгину яксон,
Тангрилар олдида инсоннинг кучи
Зарра кам эмасдир, этгил намоён.
Майли, гирдибоду даҳшат остона
Ривояти ила солароқ қўрқув
Хаёлот яратган турфа афсона
Тамуғ алангасин ёқса ҳам мангу,
Ўшал остонадан дадил қўй қадам,
Майли, ҳатто сени қучса ҳамадам.
Кел, эй, аждодлардан тарк айлаю чиқ.
Сени унутгандим. Бир замон роса
Боболар базмида жилвагар, ёниқ —
Олмос қирраларинг кўргузиб, қадаҳ,
Неча мажлисларни қилдинг муфаррах.
Сени қўлга олиб айтдилар алёр,
Ҳамду сано ўқиб базм аҳли сенга,
Оппоқ симирдилар такрор ва такрор.
Ўшал шод кунларни эслатдинг менга.
Ва лекин мен алёр айтолмам энди,
Чунки лаб очмоққа бўлмагай фурсат.
Неча йил қуюлди, қорайди, тинди
Мен ўзим яратган бу сирли шарбат.
Уни сипқорурман мен ўзим букун
Келажак қуёшли янги тонг учун.
(Қадаҳни кўтаради).
Шу пайт янграган хор овозини эшитиб сергакланади...
ЎРМОНДАГИ ҒОР
Фауст
(Ёлғиз)
Эй сен, илоҳий руҳ, неки тиласам,
Барча тилагимни айладинг бажо.
Сен олов ичида кўриндинг менга,
Табиат кўркини қилдинг армуғон.
Менга бердинг сўнгсиз шавқ туйғусини.
Энди мен эмасман олам кўркига
Ҳайрат нигоҳини тиккан бир меҳмон.
Унинг замрини очиб қарайман
Дўстнинг юрагига боққандек гўё.
Неки жонли бўлса бу олам аро,
Сен бир-бир ўтказдинг кўзим олдидан
Ҳам ўргатдинг менга улар барини —
Барча жонивору қуш, ўт-ўланни
Оға — биродар деб билиш фунуни.
Ўрмонни қучганда даҳшатли бўрон
Ерга қулар экан асрий қарағай,
Ўзга дарахтларни қилганда поймол,
Акс садо берганда унга уфқлар —
Ўрмондаги ғорга етаклаб мени,
Бунда танҳоликда ўлтириб сокин,
Ўқитдинг ўзимга қалбим китобин,
Мени ошно қилдинг ажиб сирларга.
Мен ойга қарайман ва шабнам инган
Япроққа, қояга солурман нигоҳ,
Аста сузаётган булут сояси
Ўтмиш шарпаларин эслатур менга.
Қарайман ва менга юксак камолот
Насиб бўлмаганин сезаман шунда.
Мени тангриларга тенг қилгувчи куч —
Юксак хаёлларга айлаб ҳамнафас,
Яна ҳаётим йўқ, гарчи у сенинг
Менга бағишлаган барча неъматинг —
Қилган бўлса ҳамки тупроқ билан тенг.
У менга кўрсатди гўзаллик сеҳрин,
Ёкди юрагимга сирли аланга.
Совутмоқ бўламан ўзимни, аммо
Яна ўртар мени сўнгсиз эҳтирос.
(Мефистофель келади.)
Мефистофель
Эҳ, дарвеш! Жонингга тегмади, наҳот,
Кимсасиз ўрмонда ўй сўрмоқ танҳо!
Бу қандай кўргилик, бу нима ҳаёт,
Ўйлаб топмадингми ўзга бир савдо?
Фауст
Топсанг бўлар эди сен ҳам бирор иш
Айғоқчилик қилиб юришдан бўлак.
Мефистофель
Ҳазиллашдим. Ҳадеб арра тортишиш,
Ўзинг ҳам ўйлаб кўр, нимага керак?
Бадфеъл, одамови экансан жуда,
Сенга дучор килди не учун тақдир?
Эрта-кеч сен учун қайғурсам, ахир,
Нимаки истасанг, олам бурчида
Бўлса ҳамки, сенга қилсам муҳайё —
Яна айбдорман, бошимда бало.
Фауст
Таажжуб, айтмоғим керакми раҳмат
Эртаю кеч хира бўлганинг учун?
Мефистофель
Эй инсон, сўрашга қилурман журъат,
Мен бўлмасам қандай яшардинг букун?
Ким сени танҳолик уқубатидан,
Диққинафасликдан қутқарди мудом?
Мен бўлмасам жисминг, эй доно одам,
Замин саҳифасидан ўпарди тамом.
Бу тоғ ўрмонига келдинг не сабаб?
Ғамларинг ёзмокчи бўлдингми танҳо —
Ёлғиз хониш қилган бақага ўхшаб,
Вайронага қўнган бойқушдек гўё?
Бир карра ишондим, кўксингда ҳамон
Ўша яккаш олим яшар бегумон.
Фауст
Қани билсанг эди, мен бу маснаддан
Топурман қанчалар қувонч ва ёғду.
Билганингда эди, сўзсиз, ҳасаддан
Ўшал қувончимга солардинг оғу.
Мефистофель
Мана бу ҳақиқий самовий лаззат!
Тун бўйи ўй сурмоқ тоғли ўрмонда!
Илоҳий ҳисларни асрамоқ жонда
Ва танҳо изламоқ роҳи ҳидоят.
Олам яратилган қутлуғ олти кун —
Ҳикматин жам этмоқ кўнгилда бутун.
Бу ёруғ дунёда бўлса не дониш,
Неки асрор бўлса, барини олиш —
Сўнг тафаккур элтган ўша юксақдан
Алланарса қадар йиқилмоқ тубан.
(Хунук қилиқ қилади.)
У ҳакда нимадир айтардим, фақат
Тилга олмоқ учун йўл қўймас уят.
Фауст
Нақадар разолат!
Мефистофель
Нечун кўзларингда бунчалар ғазаб?
Номусдан қизардинг, вужудинг — қаҳр.
Орзимдан чиқмаёқ ҳақиқат сўзи.
Тириклик ичра бу бор гап-ку, ахир,
Ахир, усиз йўқ-ку номуснинг ўзи.
Майли, алдамоқни қўймагин сира,
Мунофиқ юзингга тута бер ниқоб.
Аммо билиб қўйгин, тор кулба ичра
Гретхен сен учун чекмоқда азоб.
У ёлғиз, у сени ўйлайди фақат.
Висол иштиёқи эзмоқда уни.
Емак-ичмагида йўкдир ҳаловат,
Тамомунутган у ором, уйқуни.
Унинг муҳаббати тошқин беқирғоқ,
Унинг муҳаббати билмас интиҳо.
Сен эса шўрликни унутдинг, қочқоқ,
Изтироб ичида қолдирдинг танҳо.
Тинч ўрмон қўйнида юлдузлар билан
Суҳбат қуриб бунда ётгандан кўра,
Хабар ол ўртанган қизнинг ҳолидан,
Сен деб хароб бўлган кўнглини сўра.
У шўрлик дарчадан термулиб букун
Карвон булутлардан сўрмоқда нажот.
Қўшиқ айтмоқда у оҳиста, маҳзун:
«Э, воҳ, қани энди қуш бўлсам озод».
Гоҳ кулади шўрлик, гоҳ чимирар қош,
Гоҳ маъсум хаёлин чулғайди туман.
Ва лекин ҳамиша кўзларида ёш,
Ва лекин ҳамиша кўнглида армон.
Фауст
Илонсан! Илонсан!
Мефистофель
(Ўзича)
Ўт солдимжонга,
Отган ўқим бориб тегди нишонга.
Фауст
Бас қил васвасангни, эй руҳиллаъна,
У ҳақда бир оғиз сўз қота кўрма.
Базўр оромтопган бўронни яна
Дардкаш юрагимда уйғота кўрма.
Мефистофель
Аммо қиз кўнглида қўрқув, ҳаяжон.
Мени унутди деб қилмоқда гумон.
Фауст
Йўқ, қайда бўлмай, у менга ҳамнафас,
Кўзим олдида у, у деб тепар қалб.
Мен, ҳатто, санамга қилурман ҳавас —
Ул санамга ёрим босганида лаб.
Мефистофель
Гуллар оғушида ётган жуфт танга,
Қарамоқ нақадар завқ берур манга.
Фауст
Йўқол, эй қўшмачи!
Мефистофель
Майли, сўка бер,
Мен эса эшитиб куламан, холос.
Тангри яратдию аёл билан эр —
Бир-бирига мойил берди эҳтирос.
Етар, қувла мунгли хаёлларни бас,
Ўзни йўқотма сен гўдак мисоли.
Ахир, сенн жаллод ёки дор эмас,
Кутаётир гўзал ёрнинг висоли.
Фауст
Оҳ, дилбар оғуши мен учун жаннат,
Барча лаззатларнинг етук камоли.
Аммо ёр бағрида топганда роҳат
Кўз олдимдан кетмас қизнинг заволи.
Мен ким? Бир беватан, ғамли сояман,
Девона кўнглимда ором йўқ зарра.
Мен гўё кўз етмас юксак қоядан
Ўзни тубсиз жарга отган шаршара.
Ёнимда эса ул — сокин кулбада
Осуда тириклик кўргувчи бир жон.
Ўша ниҳол қомат, ўша гул бадан —
Торгина кулбаси унга кенг жаҳон.
Мен-чи, ёвуз тошқин, менга гўё кам
Юксак қояларни отганим пастга,
Улкан харсанглару зарангларни ҳам
Беаёв қорганим қумга ва хасга.
Мен яна ул маъсум жон бир гўдакнинг
Сокин ҳаётига солурман чангал.
Айтганинг бўлсин сен ёвуз малакнинг,
Бошла мени қизнинг ёнига жадал.
Диёнат ҳислари чекинсин бир дам,
Адолат, шафқатга кўр бўлсин кўзим,
Мен уни қучганча баланд чўққидан
Тубсиз жар қўйнига отгайман ўзим.
Мефистофель
Яна ғазаб, яна мислсиз туғён!
Бор унинг ёнига, овутгин тезроқ.
Берк кўчага кириб қолса гар аҳмоқ —
Олам тугади деб қилади гумон.
Ахир сен ҳамиша мард эдинг, ботир,
Олға юр, чекинма, хаёл сур камроқ.
Дадил бўл, нимадан қўрқасан, ахир —
Шайтоннинг ўзи-ку ёнингда ҳамроҳ.
ҲИБСХОНА
Фауст қўлида бир бойлам калит билан эшик олдида турибди.
Фауст
Вужудим аламдан ёнаётир, воҳ,
Сўнгсиз уқубатдан юрагим пора.
Мана шу хонада маъсум, бегуноҳ —
Банди бўлиб ётар битта бечора,
Нега жим турибсан, титрайсан нечун?
Кўзига боқишдан қўрқасанми ё?
Тез бўл! Иккиланма! Ўтса агар тун,
Унинг ҳаётига етгай интиҳо.
(Қулфга қўл узатади.)
Ичкаридан овоз
Мени ғар онам
Бўш қўйган эди,
Одамхўр отам
Гўштимни еди.
Танимни опам
Тупроққа берди.
Келганда кўклам
Топарман ҳаёт.
Учарман мен ҳам
Чиқариб қанот.
Фауст
(Эшикни очиб)
Бечора сезмади бунда юрганим,
Кишан садосини тинглаб турганим.
(Ичкари киради.)
Маргарита
(Похол орасига яшириниб)
Мени ўлдиргани келишди, ана!
Фауст
(Секин)
Жим бўл, сени олиб кетгани келдим.
Маргарита
(Оёғига йиқилиб)
Эй қотил, озгина сабр қил яна!
Фауст
Йиғлама, соқчини уйғотасан, жим.
(Кишанларни синдирмоққа уринади)
Маргарита
(Тиз чўкиб)
Қатл этмоққа мен бечорани
Ҳуқуқ берди ким сенга, бедод!
Қўй, тонггача ўлдирма мени,
Кўриб қолай тонг юзин, жаллод!
Ҳали вақт бор, ярим тун ҳозир,
Ҳукмтонгда этилгай ижро.
(Ўрнидан туради.)
Жуда ёшман, ёшман-ку, ахир,
Бўлмоқдаман бемаҳал адо.
Гўзал эдим ғоят бир замон,
Ҳусниммени ўлдирди аён.
Ёр ёнимда эди у чокда,
Ҳозир эса йироқ-йирокда.
Мен гул каби сўлиб фирокда
Бўлурман хазон.
Қаттиқ қисма мени, шафқат қил,
Қилганмидим ёмонлик, қотил,
Нажот бер менга.
Фауст
Қандай чидай мен бу аламга?
Маргарита
Майли, жаллод, майлига, ўлдир,
Қатлим яқин, тақдирим шулдир.
Сут берайин фақат боламга.
Ёлғизимни қучоқлаб бу тун
Йиғлаб чикдиму билан бутун.
Уни мендан тортиб олдилар,
Мени шундай дардга солдилар.
Энди эса қилишар туҳмат,
Мен ўзимни қотил ўйлашар,
Мен ҳақимда қўшиқ куйлашар,
Бу қандай офат!
Фауст
(Унинг қошида тиз чўкиб)
Мен бундаман, менга қулоқ ос,
Келдим сени қилгали халос.
Маргарита
(Унинг ёнида тиз чўкиб)
Кел чўкайлик тиз
Икков ёнма-ён
Қўл чўзайлик тез
Тангримиз томон.
Ёришмоқда ёғду
Дўзах оташи:
Ана, туради
У ерда иблис,
Қаҳ-қаҳ уради,
Дилда қўрқинч ҳис.
Фауст
(Қаттиқ)
Гретхен! Гретхен!
Маргарита
Ёрнинг овози!
У мени чақирди — мен энди озод!
(Сакраб туради. Кишанлар тўкилади)
Яқин эрк қушининг бахтли парвози,
Тугар истибдод!
Югурмоғим керак мен унга пешвоз,
Оҳ, қучмоғим керак бўйнидан маҳкам.
У «Гретхен» деди, таниш бу овоз
Барча дардларимга бўлгувчи малҳам.
У эшик олдида. Сезмоқда кўнгил
Бу ваҳший зулмату ғам-кадар аро,
Даҳшатли дўзахий хандалар аро
Унинг тингладим мен — чорлаётир ул.
Фауст
Шу ердаман!
Маргарита
Ана шу ерда ёрим!
Яна бир этгил сўзингни такрор.
Унут бўлди барча чеккан озорим,
Қолмади бир зарра кўнгилда ғубор.
Энди мен ўлмасман! Сен қилдинг халос!
Эртаю кеч сени ўйладим, холос.
Кўз олдимда кўча, ул оқшом чоғи —
Шунда илк бор гапга тутгандинг мени.
Кўз олдимда яна Мартанинг боғи —
Шунда биринчи бор кутгандим сени.
Фауст
(Шошиб)
Кетайлик, юз тезроқ!
Маргарита
Шошма, жонгинам,
Соғиндим, юзингга тўяйин бир дам.
(Қучоқлайди)
Фауст
Тез бўл, тез!
Атрофда йўқ ҳозир инсон зоти ҳеч.
Чиқиб жўнамасак агарда бу кез,
Кейин бўлар кеч.
Маргарита
Кўп бўлганинг йўқ-ку мендан йирокда,
Кўнглинг совудими ёки фирокда?
Ўпишни эсингдан чиқардинг, наҳот?
Айт, нега бунчалар муздексан, ҳайҳот,
Не учун сен билан таним титрокда?
Куни кеча ахир қандоқ қучардинг,
Қучиб осмонларга олиб учардинг!
Кўзларингда эди жаннат яширин,
Бўсанг тотли эди, сўзларинг ширин.
Нега энди бунча совуқ нигоҳинг,
Ўп мени, ёлборар сенга нигоринг.
Ўп, нега қулоғинг эшитмас сўзим?
Кел, ўпай ўзим.
(Қучади.)
Бу не ҳол? Шулмиди умидим сендан?
Аввалги ҳарорат, ёнишлар қани?
Сен меники эдинг, йўқотдим сани?
Оҳ, ким ўғирлади, ким сени мендан?
(Ундан юз ўгиради.)
Фауст
Жонгинам, юр энди, кетайлик тезроқ,
Юрагимда ёнган муҳаббат ҳаққи,
Мени олиб келган садоқат ҳаққи,
Кетайлик, кетмасак бўлмас ҳозироқ.
Маргарита
(Унга ўгирилиб)
Наҳотки, бу сенсан? Ишонмас кўзим.
Фауст
Менман.
Маргарита
Қутқаргани келдингми ўзинг?
Келдингми қилгани кишандан озод?
Олурмисан яна бағрингга, жоним!
Мендан қўрқмайсанми? Мен аслида ким —
Билмасанг наҳот?
Фауст
Тонг отмоқда, тез бўл, ўтказма дамни.
Маргарита
Мен ўлдириб қўйдим онамни,
Сувга отдим туққан боламни.
У фарзандинг эди сенинг ҳам,
У келтирди толе эмас, ғам.
Сен келдингми? Туш эмасми бу?
Таниёлмай турибман сани.
Кўзим олди доим қоронғу,
Бер-чи менга қўлингни, қани.
Не кўргилик? Қўлларингда қон.
Артиб ол дарҳол.
Кўз тушмасин унга ҳеч қачон!
Қиличингни ғилофингга сол,
Тез яширақол.
Фауст
Ўтган ишга энди салавот,
Тез қочмасак топмасмиз нажот.
Маргарита
Сен ҳаммамиз учун ҳам
Яшашинг керак.
Қабрларга, жонгинам,
Эк гулу чечак.
Учта чуқур кавлагин
Мозорда бу кун:
Онам ва акам учун,
Ҳамда мен учун.
Қабримни наридан ўй
Улардан озроқ.
Қизимни бағримга қўй,
Бўлмасин йироқ.
Уни қучиб жимгина
Уйқуга кетай,
Энди сени бу сийна
Қучолмас, нетай.
Гарчи ҳамон ўшасан
Севгим, бироқ сен —
Бегонага ўхшайсан,
Мендан йироқсан.
Фауст
Мен билан юр, агар севгинг бўлса чин.
Маргарита
Озодликками?
Фауст
Ҳа, чиқ бу зиндондин.
Маргарита
Мени кутар бўлса у ерда ўлим,
Олиб борса мени мозорга йўлим —
Майли, чиқай унга мен пешвоз, аммо
Ўтмам ундан нари бир қадам ҳатто.
Кетяпсанми, Генрих, жонгинам?
О, қани энди
Биргалашиб сен билан мен ҳам
Кетолсам эди.
Фауст
Эшик очиқ! Фақат сен истасанг бас!
Маргарита
Менга ҳеч озодлик имкони бўлмас,
Гарчи чиқолсам-да, бу ердан қочиб,
Қайда юролардим юзимни очиб?
Элдан юзимшувут, виждоним нопок,
Яшамоқ не керак доим аламнок?
Не керак одамлар кўзидан пинҳон,
Ўзгалар юртида бўлмоқ саргардон?
Унда айғоқчилар кутишар мени,
Бир куни барибир тутишар мени.
Фауст
Унда қолажакман ёнингда мен ҳам.
Маргарита
Йўқ, йўқ, жонгинам,
Бу ердан тез бор,
Қизингни қутқор!
Бора қол, тез бўл,
Чакалак ёққа.
Сени элтар йўл
Тўғри булоққа.
Кўприқдан ўтиб,
Бурил ўнг қўлга.
Тезгина етиб —
Оласан кўлга.
Боланг тирик, топ,
Йиғлар чақалоқ.
Қутқар уни, чоп,
Чопақол тезроқ.
Фауст
Эсингни йиғ! Фурсат ғанимат!
Озодликнинг йўли олисмас,
Қўйсанг етар бир қадам фақат.
Маргарита
Тепалиқцан ўтиб олсак бас,
Тош устида ўлтирар онам.
Титрамоқда муз бўлиб танам.
Йўл бўйида ёлғиз бу нафас
Тош устида ўлтирар онам.
У бошини тебратар аста,
Бемажол, хаста.
Кўз очмоққа йўкдир мадори —
Уни қаттиқ ухлатмиш дори,
Бизнинг ширин айшимиз учун.
Қандай шавқли эди ўша тун,
Қандай лаззат топганди жонлар!
Оҳ, қанисиз ўша хуш онлар.
Фауст
Яхши гапга кўнмас бўлсанг, нетарман,
Сени зўрлик билан олиб кетарман.
Маргарита
Йўқ, йўқ куч ишлатма, кўнмасман асло,
Қўлларимни қаттиқ тутма бунча ҳам.
Шундоқ ҳам гапингга кўндим доимо.
Фауст
Тонг отар, оппоқ тонг, қара, жонгинам,
Маргарита
Тонг отар, янги кун. Сўнгги кун менга.
Керак эди бу кун тўйим бўлмоғи.
Мен билан бўлганинг айтма ҳеч кимга,
Сира лозим эмас элнинг билмоғи.
Бошимга бу кулфат тушди ногаҳон,
Бевақт гулларимни қилдилар хазон.
Насиб бўлмас энди бирга рақс этмоқ,
Кўришмоғимиз бор олдинда бироқ.
Халойиқ юради қатлгоҳ томон,
Каттакон майдонга сиғмас оломон.
Мен учун чалинар сўнгги қўнғироқ.
Жаллод бошим узра синдирар таёқ.
Чўкаман, тегади бошим кундага,
Даҳшат ичра боқар йиғилган одам
Мендек маҳкум бўлган осий бандага.
Кўзларида қўрқув, гўё хаёлда
Уларнинг бошига тушмоқда болта.
Фауст
Ўлсам бўлмасмиди бу кунни кўрмай.
Мефистофель
(Эшикда пайдо бўлиб.)
Тез кетдик, ўласиз йўқса икковлон,
Бекорга оҳу воҳ қилиб ўлтирмай,
Чиқиш керак. Ана, кунчиқар томон
Қизармоқда. Тингланг отлар кишноғин,
Улар сезаётир тонготар чоғин.
Маргарита
Ногоҳ ер остидан пайдо бўлган ким?
Бу ўша, танидим, нақадар даҳшат.
Ҳа, у келган албат олгани жоним,
Бу муқаддас жойда турмасин, жўнат.
Мефистофель
(Фаустга)
Юр, кетдик! Бўлмаса ташлаб кетаман!
Маргарита
Қутқар тангрим, сенга нола этаман.
Малаклар, теграмда қилингиз парвоз,
Менга қалқон бўлинг ва айланг халос.
Сендан қўрқаяпман, Генрих.
Мефистофель
У мангу.
Қийноқларга маҳкум.
Осмондан нидо
Халос бўлди у.
Мефистофель
Тез бўл, кетдик!
(Фауст билан йўқолади.)
Маргарита
(Коронғилик ичидан)
Генрих! Генрих!
Иккинчи қисм
БИРИНЧИ ФАСЛ
САРОЙ БОҒИ
Қуёш чиқаётган пайт. Император сарой аъёнлари орасида. Унинг қаршисида Фауст ва Мефистофель тиз чўккан. Улар бедабдаба, сипо кийинишган.
Фауст
Ҳазил ёнғин учун, подшоҳимузр.
Император
(Уларни туришига ишора қилиб)
Тезроқ бўлиб турсин бу ҳазил-ҳузул.
Мен олов ичида бўлдиму пайдо,
Ўзимни Плутон ҳис қилдимгўё.
Қоялар ичидан чиқиб аланга,
Туташди хиёбон, боғу чаманга.
Чуқур чоҳ тубидан чиқцию олов
Равотнинг томига чирмашди дарров.
Улкан қуббаларда жам бўлиб ногоҳ,
Гоҳ кўздан йўқолиб, пайдо бўлиб гоҳ,
Ажиб манзаралар кўрсатди ёнғин.
Ўз кўзларим билан кўрдим мен тағин:
Оловлар ичидан ўтиб мен томон
Келарди бўлгали тобе оломон.
Ёнаётган мармар устунлар аро
Бундай ниқоб базми бўлмаган асло.
Мен кеча бир ажиб дунёни кездим,
Ўзни самандарлар подшоси сездим.
Мефистофель
Сен уларнинг шоҳи бўлдинг, чин сўзинг,
Ҳа, барча унсурлар подшоси ўзинг.
Олов ҳайиқади сендан, билинди,
Денгизлар бағрига кўкрак ур энди.
Ўзингни энг ваҳший тўлқинларга от,
Сув девори аро кўрарсан равот.
Оёринг остида марварид, инжу,
Бошинг узра тўлқин. Пастдан боқсанг у —
Кўринур бамисли лаълиранг пештоқ.
Сен соҳиб бу рангни сарой ичра ток
Қаерда турма ё юрмагин қаён —
Доимо энг марказ бўлур сенга жой.
Бу шундай салтанат, бу шундай макон:
Сенинг билан бирга юради сарой!
Тирик, ҳаракатда жонли бу девор.
Атрофингда эса турфа хил жондор
Уймалашиб юрар, ўйнашар, аммо
Сенга яқинлашиб келолмас асло.
Ана, наҳанг сенга оғзин очади,
Аммо деворларга тегиб қочади.
Денгиз аждарлари туришар келиб,
Сен эса уларга қарайсан кулиб.
Сен рақслар базмини кўрурсан ҳар кеч,
Аммо бундай базм кўрмагансан ҳеч.
Ёнингга келади нереидалар,
Меҳмон бўлар сирли қасрингда улар.
Сув ости саройи ҳақида хабар
Етар Фетиданинг қулоғига ҳам.
Сени Пелей каби қилади ҳамдам,
У билан қилурсан Олимпга сафар.
Император
Самовий қасрлар ўзингга, ошнам,
Гўдаклар интилар унга доимо.
Мефистофель
Замин сеникидир, шубҳа йўқ асло!
Император
Не бахтки, сен бўлдинг саройда пайдо,
Сени юбордими ё «Алиф лайло»!
Истагим, ҳамиша шу маъвода бўл,
Топқирликда мисли Шаҳризода бўл.
Кўргизурман сенга катта марҳамат,
Доим ҳозир тургин хизматга фақат.
Кун бўйи можаро, ташвиш мен билан,
Кечқурун овунай андак сен билан.
Сарой хизматчиси
(Шошиб киради)
Ўйлаган эмасман мен бирор сафар —
Олиб келурман деб бундоқ хушхабар
Подшоҳим, бу бир туш, хаёл, бу айём —
Барча қарзларимиз тўланди тамом.
Қутулдик! Қандай бахт! Нақадар шодман!
Судхўрлар жабридан энди озодман.
Дўзах азобидан халосман бу дам,
Бундай шодлик бўлмас жаннатларда ҳам.
Саркарда
(Шундай шошиб)
Ландскнехтлар ҳақин тўладик бизлар,
Аскар энди бизга содиқ умрбод.
Майхона соҳиби ўзида йўқ шод,
Яйрашар солдатлар, яйрашар қизлар.
Император
Эркин нафас олар барча, ажабо!
Юздан ажинлар ҳам кетмиш мутлақо.
Барча — дадилқадам, хушнуд боқиши.
Хазинадор
(Тўсатдан пайдо бўлиб)
Мўъжиза сабаби — бу икки киши.
Фауст
Ҳисобот — соҳиби девоннинг иши.
Давлат котиби
(Аста яқин келиб)
Қариган чоғимда бахт кулди менга.
Илк бош шод ҳисобот берурман сенга.
Мана шу бир варақ қоғоз — умрбод,
Барча мушкулларни айлади кушод.
(Ўқийди)
«Барчага маълуму ошкоро бўлсин,
Шу қоғоз баҳоси минг тилло бўлсин.
Салтанат ерида ётган барча кон
Бу қоғозга асос бўлур, бегумон.
Дафиналар зуҳур бўлгани фурсат,
Қоғознинг қиммати тўланур албат».
Император
Бу не алдоқчилик? Бу не масхара?
Мен учун қоғозга ким чекди имзо?
Айтинг, ул муттаҳам топдими жазо?
Хазинадор
Шоҳим, бу ўз қўлинг, яхшироқ қара,
Сен ниқоб базмида кеча бўлдинг Пан.
Биз икковлон — давлат котиби билан
Ёнингга келдигу дедик: «Подишо —
Эл ҳожати учун чек бунда имзо». —
Сен қўл қўйдинг. Ўша қоғоздан кеча —
Тун бўйи ухламай ўлтириб неча —
Хаттотлар кўчирди нусха беҳисоб.
Бизлар ҳам фурсатни ўтказмай шитоб.
Қилмоққа киришдик қоғоз пуллар чоп.
Турли баҳодадур патта — сармоя,
Ўнталик, ўттизу элликталик бор.
Халойиқ қувончи билмас ниҳоя,
Уларга қўшилиб биз ҳам бахтиёр.
Аввал ҳам номингни эшитган замон
Яйраб кетар эди севинчдан жаҳон.
Энди халқ номингдан ўзга сўз демас,
Фақат исминг ўқир, алифбо эмас.
Император
Наҳотки, халойиқ, аскар — барчасинн
Хурсанд қилса шу бир қоғоз парчаси.
Ҳайронман, лекин йўқ менда эътироз.
Сарой хизматчиси
Бир зумда тарқалди бу сонсиз қоғоз,
Уларни тўхтатиб бўлмас ҳеч энди,
Биринчи тўлқини растага келди.
Саррофларнинг тегмас қўли қўлига,
Олтин берар элнинг қоғоз пулига.
Қоғозни тўлдириб эл ҳамёнига,
Борар майхонага, гўшт дўконига.
Ҳамма ичиб олган, шодумон гўё
Базмдан ўзгани ўйламас дунё.
Барчада чиройли кийимга ҳавас.
Чеварлар ҳам бичиб, тикиб улгурмас.
Майхоналар тўлуғ, ҳар ёнда садо:
«Подшо учун ичинг, яшасин подшо!»
Мефистофель
Томошабоғ аро сайр этганда сиз,
Хилватда бир гўзал қизни кўрурсиз.
Қўлда товусқанот елпиғич, жонон
Қиё боқиб қўяр аста сиз томон.
Унга сиздан меҳр, ширин сўз эмас,
Фақат қоғоз керак, қоғоз бўлса бас.
Пулни тутинг доим кўкрак чўнтақда,
Ёр хатин тутгандек доим юракда.
Бу пулдан саллотнинг мушкули осон,
Энди осиб юрмас у зилдай ҳамён.
Қашишга ҳам енгил, беркитганда пул
Инжилнинг ичига солиб қўяр ул.
Кечир, майда-чуйда гап билан бу дам
Улуғ иш қадрини туширган бўлсам.
Фауст
Сонсиз хазина бор ернинг бағрида,
Фойдасиз ётибди замин қаърида.
Хаёлот бўлмасин қанча улуғвор,
Бу бойликни тасвир айламоқ душвор.
Бўлмасин қанчалар дадил ва чуқур,
Унинг поёнига етмас тасаввур.
Фақат зўр донишманд буни қилур ҳис,
Чунки чексизликка ишончи чексиз.
Мефистофель
Бу қоғозлар нақ роҳати жон,
Керак эмас тангаю ҳамён.
Йўқ бўлади ташвишлар талай,
Харид енгил, сотиш ҳам қулай.
Керак бўлса кумуш ё олтин —
Саррофлар бор — бордингу олдинг.
Топилмаса уларга агар
Ер остида тахланиб ётар.
Қазиб-қазиб оламиз дарров,
Бозорларга соламиз дарров.
Ишонмаган, кулган ҳар банда
Шунда бўлур буткул шарманда.
Олтин кумуш билан ёнма-ён
Қоғоз бўлур элда ҳукмрон.
Император
Бойлик бердингиз сиз юртга беҳисоб,
Мен имкон борича қайтаргум жавоб.
Сизлар соҳиб бўлинг конларимизга,
Уларни асрамоқ хизмати — сизга!
Хазиналар қайда — кўрсатмоқ сиздан,
Қазиб, ер остидан чиқармоқ — биздан.
Икки хазинадор ишлангиз ҳалол,
Давлат хазинасин тўлдиринг дарҳол.
Қўшилиб ер усти, ер ости дунё,
Битта олам бўлсин ажойиб, танҳо.
Хазинадор
Менинг учун жуда соз бўлур, агар
Мададкорим бўлса шундоқ сеҳргар.
(Фауст билан чиқади.)
Император
Мукофотлай сарой аҳли ҳар қайсин,
Ҳар ким пулни қайга ишлатур, айтсин.
Маҳрам
(Совғани қабул қилиб)
Мен энди беташвиш ўйнаб қолурман.
Бошқа маҳрам
(Шундай)
Жононимга тилла сирға олурман.
Камергер
(Шундай)
Мириқиб май ичиш менинг тилагим.
Бошқа камергер
(Шундай)
Қиморга тортмоқда менинг юрагим.
Вассал
(Ўйлаб)
Қаср солдираман улкан, чиройлик.
Бошқа вассал
(Шундай)
Мен эсам қўшаман бойликка бойлик.
Император
Ўйлаган эдимки, сизларда бу дам
Янги орзу-истак бўлур намоён.
Бошингиздан олтин сочганимда ҳам
Ўшал аслингизга қолурсиз, аён.
Масхарабоз
(Пайдо бўлиб)
Савғо берилмоқда! Бизга нима бор?
Император
Тирилдингми? Ичиб қўясан бекор.
Масхарабоз
Сеҳрли қорозга ақлим етмайди.
Император
У сенга барибир — фойда этмайди.
Масхарабоз
Яна ёғилмоқда! Барчаси менга?
Император
Олабер! Буларни мен бердим сенга!
(Чиқади.)
Масхарабоз
Беш минг крон! Ростми? Ёки бу уйқум?
Мефистофель
Тирилиб келдингми, қўш оёқлик хум?
Масхарабоз
Тирилиш кўп бўлган, лек бундайи кам.
Мефистофель
Шодлиқдан жиққа тер бўлибсан, ошнам.
Масхарабоз
Наҳот, шу қоғозлар пул бўлса? Шу чин?
Мефистофель
Олурсан нимани сўраса қорин.
Масхарабоз
Олсам бўладими бунга ер, сув, мол?
Мефистофель
Албатта, кўнглинг не тусар бўлса, ол.
Масхарабоз
Демакки, қаср ҳам, ҳовуз, хиёбон.
Мефистофель
Яшарсан бамисли катта зодагон.
Масхарабоз
Зодагон бўламан шу бугуноқ, кўр!
(Кетади.)
Мефистофель
Шубҳам йўқ, тентакнинг ақли жуда зўр!
ТЎРТИНЧИ ФАСЛ
ТОҒЛИК ЕР
Юксак қоялар. Булут сузиб келади ва чўққилар орасидаги ялангликка қўнади. Ундан Фауст чиқиб келади.
Фауст
Оёғим остида ётар тубсиз жар,
Юксак қояларга қўюрман қадам.
Мени очиқ кунда неча денгизу
Неча саҳролардан учириб ўтган
Булутни тарк этиб чиқурман аста.
Ёйилмай, таралмай ул тутам булут
Оҳиста шарқ томон учиб кетмоқда.
Мен ҳайрат ичида унга боқурман:
Ана, у юмалоқ шаклидан аста
Бошқа кўринишга ўтди. Қаршимда
У турли сувратлар қилур намоён.
Ростми бу кўрганим? Нурга йўғрилган
Юксак чўққи узра бўлади пайдо
Маъбудалар каби гўзал бир аёл
Ким ул? Юнонами, Леда, Елена?
Нақадар улуғвор бу қадду қомат!
Аммо узоқлашар мендан бу суврат,
Аста йўқолади, унинг ўрнида
Мози лавҳаларин ёдга солгувчи,
Қатор оппоқ қорли чўққилар пайдо.
Мени ўраётир салқин бир туман,
Муздек нафасини уриб кўксимга
Ана, булут бўлиб ҳаволанур у:
Э, воҳ, алдамасми мени кўзларим?
У ўша, биринчи муҳаббатим ул,
Йўқотган маҳбубам, ёшлик қувончим,
Кўнглим хазинаси, сени танидим.
У ўша, умримнинг барқут тонгида
Учратганим ёруғ, маъсума кўзлар,
Юрагимдан мангу жой олган, аммо
Вақтида мен англаб етмаган нигоҳ.
Агар уни асраб қололган бўлсам,
Жаҳон ганжи бўлур эди мен учун.
У қалб гўзаллиги каби мусаффо
Юксакка интилар. У кетаётир,
Борлиғимнинг энг соф ва энг табаррук,
Парчасини олиб кетаётир ул.
Тоғ устига учар этиклар келади. Улардан Мефистофель тушади. Этиклар яна йўлида давом этади.
Мефистофель
Сени доим сирли ҳаётга
Етаклайди беором дилинг.
Нечун тоғлар қалашиб ётган,
Бу масканга саёҳат қилдинг?
Ҳеч тинчлик йўқ, толди-ку тиззам
Бул маконни дарҳол танидим:
Билсанг, агар ўтлиқ жаҳаннам
Туби бўлган бу ерлар қадим.
Фауст
Ҳар гапда бир чўпчак кераксиз,
Кунинг ўтмас ёлғон, эртаксиз
Мефистофель
(Жиддий)
Эшит! Бизни худо бир гуноҳ учун
Тубсиз жаҳаннамга ташлади у кун.
Ер қаърига тушдик фалакдан ногоҳ,
Маконимиз бўлди алангали чоҳ.
Гарчи бу маконда шуъла бор эди,
Аммо иссиқ эди, жуда ортди ғамимиз,
Бизни йўтал тутди, қайтди дамимиз.
Акса, йўтал пудаш — бари бўлиб жам,
Қўланса ҳавога тўлди жаҳаннам.
Бу ҳаво босими ортиб кун сайин,
Бир куни қўпориб ер қатламларин.
Остин-устун бўлди портлашдан ҳар ёғ,
Тоғ — ер туби бўлди, ернинг туби — тоғ.
Олимлар қотириб шундан миясин,
Яратдилар ост-уст назариясин.
Қайта туғилгандай бизлар дунёга,
Ер остидан чикдик очиқ ҳавога.
Бу ҳолат сир бўлди кўп узоқ дамлар,
Ниҳоят, кашф этди буни одамлар.
(Ефес, 6,12)
Фауст
Мана, тоғ юксалиб турибди сокин,
Унинг қандоқ пайдо бўлганин локин —
Сўраб ўлтирмасман. Халойиқ табиат
Ўзлигини ўзи яратган фурсат
Заминга ҳам шакл берди думалоқ,
Бир ерни жар қилди ва бир ерни тоғ.
Бари силсилалик — ёнбағир адир
Тоғ билан водини туташтирадир.
Кўмилиб ётади замин гулларга,
Ўрин йўқ бемаъни ағдар-тўнтарга.
Мефистофель
Фикринг шуми? Менинг ўзгадир сўзим,
Чунки барчасига гувоҳман ўзим.
Биламан, заминнинг чуқур қаърида
Олов ёниб, қўпган кучли гулдирос.
Малох болғасининг зарбаларида
Қоялар ушалиб сочилган паққос.
Текис ялангликда кўриб улкан тош,
Файласуф ногаҳон қашиб қолар бош.
Бу харсангнинг қайдан тушганин билмас,
Малох болғасидан учганин билмас.
Харсанг ўз жойида тураберади,
Олим тушунолмай юраберади.
Буни англаб етган фақат оддий халқ,
Фақат унинг фикри росту сўзи ҳақ.
Оддий ҳақиқатни тушунган киши.
Дер: буларнинг бари шайтоннинг иши.
У ўз ишончида мустаҳкам, тикка
Борар «шайтон тош»дан «шайтон кўприк»ка.
Фауст
Олам яралиши ҳақида бундоқ
Шайтоннинг фикрини қизиқ эшитмоқ.
Мефистофель
Олам билан ишим йўқ, лек менинг ҳам
Уни яратишда бор андак ҳиссам.
Бизнинг қонимизда куч бор — ижодкор,
Асов куч, сурон бор, исёнкорлик бор.
Меҳнат маҳсулимиз ер юзи бутун
Кезиб кўриб чиқцинг сен уни букун.
Айт, унинг қай бурчин маъқул билурсан?
Қайси нуқтасини макон қилурсан?
Сенга аён унинг барча тарафи,
«Оламмулки ила унинг шарафи».
(Матф. 4,
Лекин таскин топмас сира юрагинг,
Чегара билмайди сенинг тилагинг.
Фауст
Фикрим буюк ишлар билан банд.
Қани, топ-чи?
Мефистофель
Топаман, албат.
Мен сен бўлсам эди агарда,
Яшар эдим кўҳна шаҳарда.
Уни ўзга пойтахт билардим,
Қинғир-қийшиқ кўча қилардим.
Икки четин қилардим бозор,
Кўрар эдим расталар қатор.
Канорада сасиган гўштлар,
Ўйнар эди пашшалар ғужғон,
Савдо қилар сабзафурушлар,
Дим, бадбўй ҳид, бетартиб сурон.
Нарирокда эса бўларди
Кенг кўчалар, катта майдонлар.
Боқса, одам кўнгли тўларди,
Кезса, ором оларди жонлар.
Ундан нари — шаҳар четида
Қўрғонлару боғ қилардиммен.
Гуллар экиб йўллар бетида.
Юрагимни чоғ қилардиммен.
Кимпиёда, кимаробада .
Юрганини кўриб турардим.
Кимқасрда, кимхаробада
Турганини кўриб юрардим.
Кўз олдимда бўларди шаҳар:
Кўча-кўйда тун-кун безавол —
Уймалашиб ётган одамлар
Чумолилар лашкари мисол.
Сайр этгани кўчага чиқсам,
Бутун шаҳар мени биларди,
Мени кўриб неча минг одам,
Таъзим ила қуллуқ қиларди.
Фауст
Мени кўриб неча минг одам,
Таъзимила қуллуқ қиларди.
Фауст
Булар бари бекорчи мехнат.
Тўқ бўлиши учун одамлар
Йўқ бўлиши учун дард, ғамлар,
Бошлиқ чекар туну кун заҳмат.
Лекин айтмас ҳеч кимса раҳмат.
Қашшоқ тўйса, бут бўлса ночор —
Кўпаяди албат исёнкор.
Мефистофель
Ундай бўлса, танлаб сўлим жой,
Тиклар эдим ўзимга сарой.
Ажойиб бар макон қилардим.
Теграмни боғ, бўстон қилардим.
Кўкка чўзиб текис шохларин,
Саф-саф бўлиб дарахтлар турар,
Эсар эди шаббода сарин,
Кумуш сувлар шарақлаб турар.
Фавворалар қилиб тантана
Рақс этарди гўзал, серфусун.
Хос хоналар қилардим яна
Паричеҳра жононлар учун.
Улар билан ўтказар эдим
Танҳоликни хушнуд, сарафроз.
Жононлар деб бекор айтмадим —
Жононларнинг кўп бўлгани соз.
Фауст
Сарданапал! Замонга мос!
Мефистофель
Билолмасман, сен на ўйга банд.
Юксалибсан шунчалар баланд,
Балки сени жалб этмоқда ой,
Интилурсан, унга, ҳойнаҳой?
Фауст
Асло! Буюк мақсадлар учун
Жой беҳисоб замин узра ҳам.
Зўр ишларга ҳозирман букун —
Менда қудрат, орзу бор олам.
Мефистофель
Ҳа, қўйибсан шуҳратга ҳавас,
Еленага бўлиб ҳамнафас.
Фауст
Йўқ, хаёлим шуҳратда эмас,
Фикрим энди мулку давлатда,
Эгалиқца, бетин меҳнатда.
Мефистофель
Мадҳ этурлар шоирлар сени,
Авлодларга кўрсатиб ўрнак.
Куйлаб бирнинг тентак ишини —
Улар кўпни қилурлар тентак.
Фауст
Бегонадир сенга бу туйғу,
Сен инсонни қайдан билурсан?
Одамзоднинг энг юксак, эзгу
Ниятларин мазах қилурсан.
Мефистофель
Майли, қилмай туйғуни қадр,
Аммо сенинг тилагинг надир?
Фауст
Мен юксакдан ташладим назар;
Кўз олдимда денгиз қирғоғи.
Кўрдимуни, асов тўлқинлар
Кўпик сочиб ялаган чоғи.
Юрагимни ранжитди бу ҳол:
Зулм — озод руҳ учун даҳшат.
Албат аҳли инсонга малол,
Ғолиб келса гар ваҳший қудрат.
Сув қайтганда ўйладим, тинар,
Йўқ, ушбу ҳол экан анъана.
Қирғоқни тарк этгач тўлқинлар,
Қайтиб ҳужум қилурлар яна.
Яна унга ғазаб этурлар
Аввалгидан кўра шиддаткор!
Сўнгра ортга қайтиб кетурлар —
Буни яна этмоққа такрор.
Мефистофель
( Томошабинларга)
Хўп янгилик топибсан, қойил!
Мен кўрурман буни юз минг йил.
Фауст
(Куйиб-ёниб давом этади)
Ёвуз тошқин соатлар қадар
Соҳилларга қилару ҳужум,
Бу ерларни неча асрлар
Қумга кўмиб, қилар беунум.
Шу боисдан ўрнатур юрак,
Вужудимга қўзғалур туғён.
Мен ул кучни енгмоғим керак,
Мана, жангга ҳақиқий майдон.
Халос қилай забун қирғоқни,
Асов сувга тушов солайин;
Ҳосил бермай ётган тупроқни
Тўлқинлардан тортиб олайин;
Бу мумкиндир. Гарчи нақадар
Бебош, қайсар бўлса ҳамки сув,
Ҳар дўнгликни айланиб ўтар,
Ҳар чуқурга оқиб кирар у.
Режам тайёр, киришиб тездан
Мақсудимга топаман имкон.
Мен қирғоқни тўсиб денгиздан —
Ғов қўяман, тиклайман тўғон.
Боғ унажак соҳилда токим,
Басир ғавғо бўлмасин ҳоким.
Хаёлимда шу иш, ўша ер,
Бу меҳнатда менга мадад бер.
Томошабинлар орқасида, ўнг томоцан ҳарбий музика ва ноғоралар садоси эшитилмоқда.
Мефистофель
Ноғоралар садоси!
Фауст
Наҳот!
Донишга бу ёт.
Яна уруш!
Мефистофель
Уруш бўлса, не зарар сенга?
Маслаҳатим булдир, қулқ ос:
Ҳар бар наф топ ўзингга
Ва темирни қизиғида бос.
Фауст
Қанақа наф? Қийин тушунмоқ,
Сўзласанг-чи очиқ, бежумбоқ.
Мефистофель
Йўл устида хабар топди боз,
Бизнинг подшо эшим қайғуда.
Эсингдами, биз уни қоғоз
Пуллар билан қилиб сарафроз,
Хаёлини чулғаб доғуда,
Бар лаҳза қилгандик жуда.
У жуда ёш ўлтирди тахтга
Ва дуч келди биз берган бахтга.
Рост билиб у шўрлик ўғлонни,
Сотиб олмоқ бўлди жаҳонни.
У ишонди — очиқ йўлим деб,
Қайга чўзсам, етар қўлим деб.
Токи сўнгги онига қадар
Олам ичра у бўлар танҳо
Фақат унга ёр бўлар зафар.
Фақат унга бош эгар дунё.
У ишонди — бўлур муясар
Унга бар йўл ҳокимлик, сафо.
Фауст
Буюк хато! Ҳокимлар учун
Ҳукм сурмоқ ўзи катта бахт.
Улар тенгсиз ирода кучин
Кўрсатмоғи керакдир албат.
Ҳокимларга ярашур шиддат
Ва буюрмоқ мингга, туманга...
Лекин сафо, айшу фароғат
Олиб тушар уни тубанга.
Мефистофель
Тўғри, аммо бизнинг буюк шоҳ
Бу гаплардан бўлмади огоҳ.
Юрт чок-чокдан сўкилиб кетди,
Чўпчак уйдек тўкилиб кетди.
Тарқаб арча чакка-чаккага,
Иниси ёв бўлиб акага,
Шаҳар билан курашиб шаҳар,
Боён билан аҳли ҳунарлар —
Деҳқон билан бою зодагон
Жанг қилади қаттол, беомон.
Шоҳга қарши юрди аҳли дин,
Айру бўлди миллат миллатдин.
Кўча-кўйда дуч келса икков,
Албат чикди бар-бирига ёв.
Савдо билан чиққан ҳар тужжор —
Ўликлари қолди йўлда хор.
Яқин келди фалокат ўзи,
Авжга минди хунрезлик, ғорат.
Шундай қилиб, яшамоқ сўзи —
Жон сақламоқ бўлди оқибат.
Фауст
Оқсоқланиб, сургалиб оғир,
Муккасидан йиқилди охир.
Мефистофель
Бошда барча эди хотиржам,
Зўр зўроқни ялаб юрарди.
Ожизлар-чи ўзларидан ҳам
Ожизларни талаб турарди.
Лекин яқин қолганди хатар,
Бош кўтарди бир неча оқил.
Улар деди: «Бас энди, етар,
Мамлакатга шоҳ керак, одил.
У қаттиққўл бўлсин. Бизнинг шоҳ —
Элимизга бўлолмас паноҳ.
Янги подшо тахтга ўлтирсин,
У кўрсатиб қудрат ва шиддат,
Мамлакатга бар йўла берсин
Ҳамтинчлик, ҳамадлу фароғат!»
Фауст
Руҳонийлар сўзи бу.
Мефистофель
Улар
Бошладилар халқни исёнга.
Эл кўнглига қутқу солдилар,
Фойда бўлсин учун ҳамёнга.
Мана букун турар тоғ аро
Исёнкорлар қўшини қатор.
Букун бизнинг беозор подшо
Жангга кирар, балки сўнгги бор.
Фауст
Соддадил шоҳ эди у, эсиз.
Мефистофель
Юр, борайлик шоҳ ёнига биз.
Кимки яшар, ҳаётда бордир.
Уни эсиз демак бекордир.
Кимки бар бор топибди омон,
Омонликда бўлғай кўп замон.
Юр, биз унга берайлик мадад,
Кифоядир бар кичик зафар.
Шунда ундан кечган вассаллар
Йиғилишиб келурлар албат.
Улар тоғ оралиғига тушадилар ва водийда турган қўшинни кўздан кечирадилар. Пастдан ҳарбий музика, ноғора садолари эшитилиб туради.
Мефистофель
Жуда соз у эгаллаган жой,
Бизга боқур зафар, ҳонаҳой.
Фауст
Қандай мадад берурсан бироқ,
Ёки яна жоду ва алдоқ...
Мефистофель
Ғалабанинг кўп тадбири бор,
Билки, жангда енгар ҳайлакор.
Ўз ишингга сен ҳам пухта бўл,
Мақсад сари тутгил аниқ йўл.
Шоҳни ошно қилиб бахтига —
Ўтқазсак биз қайта тахтига,
Сен тиз чўкиб берурсан салом
Ва олурсан подшодан инъом.
Поёни йўқ денгиз қирғоғин
Аниқ билгин сенга бермоғин.
Фауст
Бундоқ ишга сен пири комил,
Жанг қилабер ўзинг, азозил!
БЕШИНЧИ ФАСЛ
ЯРИМ ТУН
Тўрт оқ сочли аёл пайдо бўлади.
Биринчиси
Исмим Камчилиқдир.
Иккинчиси
Менинг номимАйб.
Учинчиси
Менинг отимТашвиш.
Тўртинчиси
Менман Эҳтиёж!
Камчилик
Эшиклар берк, бунда яшар зодагон.
Айб
Демакки, кирмоққа йўқ бизда имкон.
Эҳтиёж
Сояга айлангум.
Камчилик
Йўқолгум.
Айб
Беиз.
Эҳтиёж
Зодагон уйида ортиқчамиз биз.
Ташвиш
Ҳаммангиз маҳрумсиз бунда киришдан,
Фақат мен — Ташвишга йўл бор тирқишдан.
(Ташвиш кўздан йўқолади.)
Камчилик
Келган изимизга қайтайлик илдам.
Айб
Сен қаерда бўлсанг, шундаман мен ҳам.
Эҳтиёж
Изингдан борурман мен ҳам доимо.
Камчилик
Кўк юзини булут қоплар қоп-қаро.
Айб
Олисдан биз томон келаётган ким?
Эҳтиёж
Ахир, у суюкли акамиз — Ўлим!
(Кетишади.)
Фауст
(Саройда.)
Тўртоқ эди улар, учов қайтдилар,
Илғамадим бунда нелар айтдилар.
«Эҳтиёж» сўзини эшитдим танҳо,
Сўнгра «ўлим» сўзни — мисли акс садо.
Ҳамон қувар мени шарпалар, ҳайҳот!
Ҳамон бўлолмасин улардан озод.
Оҳ, қани жодуга беролсам барҳам,
Дуо сўзларини тамом унутсам.
Табиатга ошно бўлсаму фақат.
Инсон бўлиб ерда қилсайдим меҳнат.
Ҳа, мен инсон эдим, то мен ўзимни
Қарғаб, қаро қилмай аввал юзимни,
Шарпаларга тўлди мен учун жаҳон,
Энди қутулмоққа йўқ сира имкон.
Кундуз ақлу фикрат ёр бўлса-да гар,
Тунда босиб келар қора соялар.
Тонг чоғи сайр этсам бардам, саломат,
Ваҳ, қарға қағиллар, хунук аломат.
Бар белги берадур менга ҳар бар ҳол,
Нетай, ҳар қадамда кўрадурман фол.
Мени ваҳмбосар сукунат аро...
Эшик ғичирлади... ҳеч ким йўқ аммо.
(Ҳаяжонда.)
Бунда биров борми?
Ташвиш
Ҳа, албатта бор.
Фауст
Сен кимсан?
Ташвиш
Мен бунда айлаган қарор.
Фауст
Кет бундан.
Ташвиш
Жойимда тутганман мақом.
Фауст
(Аввал ғазабланиб, сўнг ўзини босиб.)
Майлига, айтмайман мен дуо калом.
Ташвиш
Сенингча, мен бекорман,
Юрагингда лек борман.
Ҳар шаклда, ҳар турда
Мен бўлурман намоён.
Мендан бутун умрда
Озод бўлолмас инсон.
Қуруқда ҳам, сувда ҳам
Бўлурман қўрқинч ҳамдам.
Тақдири азал бормен,
Қисмат берган озормен.
Билмаганми эдинг ташвиш нимадир?
Фауст
Мен парвосиз ўтдим ҳаёт йўлидан,
Тутдим ҳаргиз шодлик, лаззат қўлидан.
Фароғат мен учун бўлди беқадр,
Ўртамадим, уни йўқотсам, бағир.
Мен истак отини тинмай қистадим,
Истагимга етдим, яна истадим.
Мени етаклади ёшлик, эҳтирос,
Мана энди тиндим, қуюлдим бар оз.
Менга бўлди олам асрори аён,
Билдим, у дунёга ишонган — нодон.
Нодон ул — кўз тикиб булутлар сари
Одамларни кўрган ўзи сингари.
Заминда маҳкам тур, касб айла камол,
Фалакдан мангулик излама асло.
Фозил эрсанг, олам эмас гунгу лол,
Не кўриб билурсан, узатур дунё.
Шундай яша, интил мақсадга томон,
Шарпалардан излаб юрма синоат.
Интилишда — шодлик, ғам, умид, армон,
Бирор сониядан топма қаноат.
Ташвиш
Тузоғимга тушимдан одам,
Қоронғудир унга бу олам.
Қуёш чиқар ва қуёш ботар,
Лек дилида унинг тун ётар.
Унинг учун ёруғ кун — зулмат,
Ҳар бар ҳолат — ёмон аломат.
Кўп бўлса ҳам молу давлати,
Бу давлатнинг йўкдир қиммати.
Емиш тўла — ўзи оч,
Эгни бутун — яланғоч.
На шодлигу на алам.
Бергай унга бу олам.
Куни шундай ўтади
Фалокатни кутади.
Фауст
Чекил, менмас сен айтган одам,
Безор бўлдим, бўйла нақлдан.
Аммо сўзинг донишмандни ҳам
Оздирмоғи мумкин ақлдан.
Ташвиш
Тўхтами йўқ бечора,
Йўл устида овора.
У бар гормон юради,
Яна ҳайрон туради.
У бамисли тузокда,
Офат кўрар ҳар ёқда.
Ўзига ортган у ғам,
Юк бўлур ўзгага ҳам.
Дили доим озурда,
Яримжон, яриммурда.
Билмайдир — надур қувонч,
Интилиш йўқ, йўқ ишонч.
Бул бечоралик учун,
Бул оворалик учун
Ним уйғоқ ва ним уйқу;
Ҳолати учун мангу
У дунёда шул тариқ
Жаҳаннамга мустаҳиқ.
Фауст
Эй қўрқинч шарпалар! Солурсиз нечун
Одамзодни шунча дард, изтиробга!
Сиз туфайли, инсон учун ҳар бар кун,
Ҳар лаҳза айланур минг бар азобга.
Жинлар чангалидан мушкул қутулмоқ,
Уларга туну кун йўллайман қарғиш.
Лекин ҳаммасидан кўра ортиқроқ
Сени лаънатлайман, эй, ёвуз ташвиш.
Ташвиш
Ўша ёвузликни ўзда синаб кўр,
Қарғишларинг ажрин энди олурсан.
Одамлар бўлади — туғилишдан кўр,
Сен ўлим олдида кўздан қолурсан.
(Кўзига пуфлайди.)
Фауст
(Кўр.)
Кўзларимга олам бўлди зимистон,
Аммо юрагимда ёнар сирли нур.
Кўнгилда иштиёқ урмоқда туғён,
Яна менда ичан соҳиб жонланур.
Эй, сиз азаматлар, толмас, шербилак,
Меҳнатга чорлайман, сафларга туринг.
Қўлларга олингиз замбил, белкурак —
Ариқлар очингу довонлар қуринг.
Ҳаммангиз бирликда, дўстона, аҳил,
Қилган меҳнатингиз етказур самар.
Мақсуд ҳосил бўлур, бошлаб бар ақл,
Минглаб қўл мардона ишласа агар.
САРОЙ ОЛДИДАГИ КЕНГ САҲН
Машъаллар. Мефистофель нозир сифатида олдинда.
Мефистофель
Келинг, тез, имилламай,
Ана, чопиб келурлар
Вужуди томиру пай
Ва қоқ суяк лемурлар.
Лемурлар
(Ялпи.)
Мана, келдик, биз тайёр,
Бажарурмиз, буйруқ бер.
Балки ажратмоқ даркор
Соҳиб учун янги ер.
Олиб келганмиз қозиқ
Ўлчамоқ учун қанот
Келдик, аммо эсда йўқ,
Нега чақирди жаноб.
Мефистофель
Гап шу: ётсин бу ерга
Ичингизда энг узун,
Ўлчаб унинг бўйига
Чуқур қазийсиз букун.
Боболар кетган ерга
Берурлар ҳар инсонни.
Йўл саройдан қабрга
Олиб борар ҳар жонни.
Лемурларнинг бири
(Ер кавлар экан, қилиқ қилиб.)
Мен ҳам бир вақт ёш эдим,
Қувноқ эдим ва ботир.
Базмларда бош эдим,
Ҳар бир ишда дов, қодир.
Мана бу кун йўлиқиб
Қариликдек жабрга,
Кучи кетди, йиқилиб
Тушиб қолдим қабрга.
Фауст
(Эшик, деворларни пайпаслаб саройдан чиқиб келади.)
Белкурак жаранги хуш ёқар менга,
Ишга киришибди халойиқ демак.
Сув офатин таслим қилиб заминга,
Довон қурмоқдалар мустаҳкам, юксак.
Мефистофель
Меҳнатларинг бизнинг фойдага фақат.
Тўғон қурасану аслида, Нептун
Офатлар базмини қурмоғи учун
Яратиб берурсан соз имконият.
Балоларнинг бари бизга ҳамнафас,
Меҳнатларинг бари бўлади абас,
Олам йўқ бўлади бар кун оқибат.
Фауст
Ҳей, нозир!
Мефистофель
Бундаман.
Фауст
Киришиб шаҳдам
Одамларни қилғил ишга сафарбар.
Аяма, соч, қанча керак сийму зар,
Майли, мажбур қилсанг, куч ишлатсанг ҳам.
Ариқ ишларидан жадал ва шитоб
Бериб тургил менга ҳар кун сарҳисоб.
Мефистофель
Бу гал ариқ эмас, бениҳоя зўр,
Сенга атаб жадал қазилмоқда гўр.
Фауст
Тоғ этаги қадар чўзилмиш ботқоқ,
У бор экан, барча меҳнатим абас.
Турғун сувни ҳайдаб, уни қуритмоқ
Менинг ниятимдир эзгу, муқаддас.
Миллион одамларни чорлаб у томон,
Бир юрт барпо этай янги, беадад.
Гарчи бунда хатар бўлгай ёнма-ён,
Эллар ҳур меҳнатдан топурлар мадад.
Яйраб нафас олур кенгликда одам,
Ўтлоқларга қўю моллар тўлади.
Бар томонда бўрон, тошқин балодан
Сақлагувчи юксак довон бўлади.
Бу ер бўлур чиндан замин жаннати,
Майли, денгиз солсин бар ёнда сурон.
Ва лекин курашчан инсон кудрати,
Балолар йўлига бўлолур тўғон.
Шу мақсадга банддур хаёлим бутун:
Узоқ ҳаёт йўлин ўтмиду босиб,
Олам ҳикматини айладим якун,
Ким — эрк, ҳаёт деб жанг қилолса ҳар кун,
Эрку ҳаёт учун ўша муносиб.
Худди шундай меҳнат кураш ва ҳавас
Банд айласа — ёшу кекса — ҳар кимни,
Шундай кунда кўрсам эдим бар нафас
Озод диёримни, озод халқимни.
Шунда мен айтардим баралла, шаксиз,
Тўхта, эй дақиқа, гўзалсан ғоят!
Айтардим ҳаётда мен қолдирган из
Ўчмайин қолажак абадул-абад.
Ўшал сонияни сезиб олдиндан
Энг олий лаҳзада турибман бу дам.
Фауст йиқилади. Лемурлар уни тутиб қоладилар ва ерга қўядилар.
Мефистофель
У ҳаловат билмай ўтди бар нафас,
Шарпалар кетидан қувлади мангу.
Оқибат бемаъни, пуч ва арзимас
Сўнгги дақиқани тутмоқ бўлди у.
Мен билан олишди узоқ бу банда,
Юзтубан йиқилди вақти етганда.
Соат тўхтади.
Хор
Ҳа, бамисоли тун,
Тўхтади. Миллари тўкилди бутун.
Мефистофель
Миллари тўқилди. Бу, мурод ҳосил.
Хор
Тамом!
Мефистофель
Тамом? Ажаб, бу не қийлу қол,
Нима тамом бўлди? Юз берди не ҳол?
У йўқ эди, бўлди адамга дохил.
Яратмоқ, яъни бор қилмоқдан мақсад —
Аслида қайтадан йўқ қилмоқ фақат.
Интиҳо денгиз-у қани ибтидо?
У асли бормиди бўлмайин пайдо?
Кўринган у шарпа эди, шубҳасиз...
Менга фақат йўқлик дунёси азиз.