Ismoil Mahmud. Ishq saodati  ( 11456 marta o'qilgan) Chop etish

1 B


AbdulAziz  09 Mart 2010, 10:21:38

Ismoil Mahmud. Ishq saodati



Muallif: Ismoil Mahmud
Hajmi: 192 Kb
Fayl tipi: pdf, zip
Saqlab olish
Online o'qish

Qayd etilgan


Robiya  19 Mart 2010, 17:26:33

Исмоил Маҳмуд Марғилоний

ИШҚ САОДАТИ


Ғазаллар, мухаммаслар, мусаддас,
қасида ва рубоийлар


Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон
Миллий кутубхонаси нашриёти
   Тошкент -2007


Исмоил Маҳмуд Марғилоний кўҳна ва ҳамиша навқирон она шаҳри Марғилоннинг 2000 йиллик қутлуғ тўйига армуғон сифатида тақдим этаётган бу тўпламига ўзининг арузда битилган ва аллақачон эл назарига тушган энг сара шеърларини киритган. Уларда мумтоз адабиётимизга хос бўлган инсон руҳиятини поклаш ва уни комилликка чорлаш каби анъанавий туйғулар асосий ўрин тутади. Шоир ижодида Истиқлол туфайли жамиятимизда рўй берган ижобий ўзгаришлар, халқимизнинг ўзликни таниш, миллий қадриятларни тиклаш, минг йилликлар давомида улуғланиб келинган одамийлик, ҳалоллик, ҳақгўйлик, ватанпарварлик, эътиқод каби юксак инсоний фазилатлар улуғланган.


ИЖОДИЙ ИЗЛАНИШЛАР ҲОСИЛАСИ

Яхши эслайман: ўтган асрнинг саксонинчи йилларида адабиётимизга бир гуруҳ умидли ёш шоирлар кириб келганди. Улар орасида ярқ этиб кўзга ташланиб турадиганларидан бири Исмоил Маҳмуд эди. Унинг ўйчан, дардли, одамни фикрлаш ва мушоҳада қилишга ундайдиган шеърлари ўқувчини бефарқ қолдирмасди. Шеъриятда “Ўз айтар гапи бор экан”, —деб қўяр эдим унинг шеърларини ўқиганимда.
Саксонинчи йиллар ўрталарида мен Исмоил Маҳмуд билан яқиндан танишдим ва шуни ҳис этдимки, у ўзини чинакам бадиий ижодга бахшида этган қаламкаш экан. Йиллар унинг ижодий камолоти учун пиллапоя бўлганини сезиш қийин эмас эди. Исмоил Маҳмуд ижод йўлида собит турадиганлардан эканлиги яққол сезилиб турарди: пухта, сержило, сербўёқ ёзарди. Шу боисдан бўлса керак, ўн беш-йигирма йил орасида босилиб чиққан қатор ижод намуналари шеърхонлар эътиборини ўзига тортди. Бир сўз билан айтганда, шеърият майдонида иқтидорли шоир Исмоил Маҳмуд пайдо бўлган эди.
Қўлингиздаги ушбу китоб қўлёзмасини кўздан кечираётиб, шоир кейинги ўн йилликда аруз вазнида фаол ижод қилгани ва яхши ғазаллар, мухаммаслар, мусаддас, қасида ва рубоийлар битганини яққол сездим. Кўпчиликка яхши маoлумки, арузда ижод қилиш жўн иш эмас. Ўқувчига манзур ғазаллар ёзиш учун ижодкор мумтоз адабиётимиз билимдони бўлиши шарт. Бу – бир. Иккинчидан, бу гўзал санъатни эгаллаш учун арузнинг барча вазн хусусиятларини аъло даражада билиш лозим. Янаям муҳим томони – илоҳиёт юқтирган фазилатлар.
Юқорида таъкидланганидек, шоирнинг ғазаллари, мухаммаслари, мусаддас, қасида ва рубоийлари жамланган ушбу тўпламда Исмоил Маҳмуд Марғилонийнинг кўп йиллик ижодий изланишлари, тинимсиз меҳнатлари ҳосиласини кўрамиз. Шоирнинг мавзу кўлами кенг. У чинакам инсоний фазилатлар – меҳр-муҳаббат, дўстлик, иймон, эътиқод ҳақида қалам тебратади, чинакам инсоний муҳаббатни улуғлайди. Айниқса, шоир халқимиз тарихида рўй берган энг буюк воқеа — Истиқлолимиз ҳақида тўлиб-тошиб қалам тебратади.
Исмоил Маҳмуд Марғилоний – Шарқнинг қадим шаҳарларидан бири — Марғилон фарзанди. Таниқли шоир ушбу китобини ипак шаҳри Марғилоннинг 2000 йиллигига бағишлашида ҳам катта маъно бор. Муаллифнинг ушбу мажмуаси ҳам кўп сонли китобхонлар эътиборига сазовор бўлади деб ўйлаймиз.
Охунжон Ҳакимов,
Ўзбекистон халқ шоири




FАЗАЛЛАР

Марғилон

Ҳақ назар этган, азизлар, Марғилон туфроғига,
Ул Расул боғчам деганлар, бу ҳидоят боғига.

Аҳли ҳикматлар суянгайлар топиб андин баҳр,
Марғилонийлар яратган илму урфон тоғига.

Бу улуғ бўстон аро кўп булбули хушхонлари,
Дил ҳавас этгай ҳамиша бу чаман ардоғига.

Не улуғ зоти муборак ушбу дам дуода хос,
Мангулик бахтин тиларлар бу гўзал чорбоғига.

Зоти покларни азиз этди улуғ юртбошимиз,
Беадад шукрона дермиз ҳур ватан байроғига.

Файзиёб бўлди кўнгиллар ҳур диёрим созидан,
Барҳаётлар руҳи ёрдир умримиз ҳар чоғига.

Озоду обод ўлкам — Ўзбекистон шавкати,
Бу шарафдин нур таралди Марғилон ҳар ёғига.

Ул буюклар ҳикматидин топди шон – Маҳмуд азал,
Розини айтур бу юртнинг ҳар гиёҳ, яфроғига.

Ҳақ назар этган, азизлар, Марғилон туфроғига,
Ул Расул боғчам деганлар, бу ҳидоят боғига.





Зор айлама

Нури ишқингдин дилим кўз очди, бас, зор айлама,
Бир нафас бўй кўрсатиб, сўнг қалбни бемор айлама.

Бераҳм ёр зулмидан қон бўлди, эвоҳ, бу кўнгил,
Боз анинг комида доғлаб, қалбни хунбор айлама.

Ўтди умрим авжи, эвоҳ, макру ёлғон дастида,
Қолганин ўткинчи туйғу, ҳисга бедор айлама.

Эй нигоро, бори ишқингни дариғ тутма менга,
Бир ғуломингман кўйингда, ўзгани ёр айлама.

Бор мунаввар ишқи ҳақдин руҳда мангу бир Ватан,
Сенга чин, қалбимга чин бу ишқни бекор айлама.

Хуш умид бирла ўтар дил жоми васлинга боқиб,
Сен ўзинг ишқингда ёндир, ўзгани бор айлама.

То абад Маҳмуд жамолинг васлининг шайдосидир,
Бу муҳаббатни қулингдек ростга душвор айлама.


Олдида

Дил ғубордан холи эрмас бевафо ёр олдида,
Туну кун ёнгай паришон пуржафо ёр олдида.

Топмайин ўздин ўзини ўртанур қалб беомон,
Қадрини топгаймикин дил чашми хуммор олдида?

Коми васли кўйида, воҳ, топди вайронлиқ дилим,
Розини қилгаймикин рухсори гулзор олдида?

Ҳоли зоримга таажжуб қилмагил, эй муддаий,
Зарра ҳам ёзгай қанотин васли дийдор олдида.

Боумид ўтмоқда умрим иштибоҳлар ичра, ёр,
Иштиёқ этсанг на бўлгай, асли бемор олдида?

Воҳ, кечиб умрим самарсиз ўтди зое, эй рафиқ,
Дўстсифат кўрсатган ўзни асли ағёр олдида?

Доми ранжида машаққат чекма, бас, Маҳмуд, етар,
Ҳоли аҳволинг баён эт энди дилдор олдида.



Оқибат қилгил...
 
Оқибат қилгил тириклик чоғида инсонга,
Сўнг пушаймон қилмагил, кўнглинг тўлиб армонга.

Яхши инсондин ҳаётда яхши неъматлар қолур,
Келганингни англагин дунёга сен меҳмонга.

Бу ҳаёт саҳни синов, майдони ҳикмат ичраким,
Ўзни кўрсатгил, агар чиқдингми сен майдонга.

Ота-она, ёру дўст аҳволиға солғил назар,
Келса ёрдам қил, қараб сен қўлдаги имконга.

Ол дуосин пиру устоз, опа-сингилнинг мудом,
Йўлласа тақдир сани бир шундайин зўр конга.

Ўтганида ош тортиб, ном қозонгандан кўра,
Битта нон қўйгил тириклик чоғда дастурхонга.

Ҳар қадамда ўзни, Маҳмуд, имтиҳон қил, аввало,
Бу саодатдин муродинг етдими бир жонга?



Ота-она соябон

Ота-она Ой билан Меҳр эрур фарзандига,
Ҳар нафас бошида бедор – нур эрур монандига.

Кўкда бўлса қанча юлдуз, Ойу қуёш, бил, биттадур,
Биттанинг файзи жаҳоннинг зеб бўлур ҳар кандига.

Ота-онанг қалбидан тушгай сенга ҳақнинг нури,
Раҳматин ёққай Худойим ўз асл сарбандига.

Эй, ўғил-қиз, сен муборак қалб кўзингни тоза тут,
Ғойиби ишқ нури тушгай зурриёдинг бандига.

Тоза ният, тоза қалбинг руҳият аъмолидур,
Ота мерос, она мерос бу азал дилбандига.

Ҳар нафас, Маҳмуд, юракдан ота-онанг ёд қил,
Ота-онанг соябон икки жаҳон пайвандига.



Нодонга кўнгил боғлама

Хосиятсиз келган ул имконга кўнгил боғлама,
Сохта шуҳрат бирла келган шонга кўнгил боғлама.

Бил, бу тўрт кунлик ҳаёт мазмунин оятларда сен,
Наф тегар деб, жон чекиб тўрт ёнга кўнгил боғлама.

Бу башар саҳни синов деб, сен қадр ахтарма кўп,
Ким келар, кимлар кетар майдонга, кўнгил боғлама.

Риштаси мўртдир, заифдир қанча юксалган билан,
Хоҳ гадо ё бўлса бек ҳам, жонга кўнгил боғлама.

Воҳ, сени бор айлаган ҳаққа тазарру қил абад,
Қудратига боғла дил, бўҳронга кўнгил боғлама.

Истагил ҳар дам саодат ёлғиз Аллоҳдин фақат,
Қил ибодат бериё, нуқсонга кўнгил боғлама.

Ҳақ йўлида ёрга кўнгил боғладинг, Маҳмуд, бу кун,
Мағфират этсин ўзи, шайтонга кўнгил боғлама.


Айланг эҳтиёт

Турфа хил шарру риёдан кўзни айланг эҳтиёт,
Ким анга оина бўлманг, ўзни айланг эҳтиёт.

Жилваланган ҳар матонинг тархи бенуқсон эмас,
Ким ҳаво берган кўнгилга бўзни айланг эҳтиёт.

Фарқи кўпдир одамий бирла одамнинг аслида,
Одамийликдан хабардор сўзни айланг эҳтиёт.

Ёмғиру довулда сўнгай турфа ранглар беомон,
Қалбга нақшин солган ул зардўзни айланг эҳтиёт.

Давру даврон кимга кўклам, кимга ёзу, кимга қиш,
Қалбдаги ул фасли гул — Наврўзни айланг эҳтиёт.

Бас, насиб этган билан ким, барчаси бўлмас ҳазм,
Бўлгучи дастурамал ризқ-рўзни айланг эҳтиёт.

Дер ҳаёт мазмуни ҳикматда эрур, Маҳмуд, абад,
Дилга ишқ берган кеча-кундузни айланг эҳтиёт.

Меҳру мурувватдин топар

Ҳар киши кўнгил шифосин меҳру мурувватдин топар,
Қалбга ҳамдардлик сафосин меҳру мурувватдин топар.

Бирга ўн бергайдур Аллоҳ, қилса ким эҳсон агар,
Ким қиёматлик ғизосин меҳру мурувватдин топар.

Муҳтожу мўъминга ёрдам этса ким ихлос билан,
Охират йўли – зиёсин меҳру мурувватдин топар.

Ким савоб ишларга дохил айлади имконини,
Фазли-ю меҳригиёсин меҳру мурувватдин топар.

Аҳли комиллар билан дил яшнагай, топгай камол,
Элу юрт қилгай дуосин, меҳру мурувватдин топар.

Икки дунёсини обод айламоқ марднинг иши,
Икки дунё интиҳосин меҳру мурувватдин топар.

Пиру устозлар йўлидур ҳақ йўли, Маҳмуд, азал,
Яхшилар ҳақнинг ризосин меҳру мурувватдин топар.


Дуодандур

Саодат келса ғойибдан, ки билгилким, дуодандур,
Ижобат истаги ул дам илоҳий муддаодандур.

Улуғлар ҳикмати ичра шарафларга сазоворким
Ки, ҳақнинг ажри ҳам фазли алар берган ғизодандур.

Кимиким матлаби ичра синиқ қалбдан назар топди
Ки, рухсори чароғида нажоти Мустафодандур.

Худонинг дўстлари бирла ҳамиша ҳамнафас бўлгил,
Бу беш кунлик ҳаётнинг файзи ҳам аҳли фанодандур.

Тажаллийсин кўриб, шукрида зикр этмоқ шарофатдур,
Насиб эрмас экан кимга бу ҳам журму хатодандур.

Кироми котибайн ҳар дамки ҳолингдан эрур огоҳ,
Алар битмиши ҳам, эй дўст, вафою бевафодандур.

Дуо ганжи била, Маҳмуд, сафар зодин тугал қилгил,
Шафоат ҳам, ҳидоят ҳам ки машҳарда ризодандур.



Майдондадур

Эр кишининг мақдами, дўстлар, асл майдондадур,
Чун гули хушранг макони бир азиз бўстондадур.

Довруғи кезгай жаҳонда ҳар давр ўғлонларин,
Ул буюк соҳибқирон шавкатлари ҳар ондадур.

Тоғ кесиб Фарҳод жаҳонда сув чиқарди эл аро,
Ул абад уммон зиёси ҳар юрак, ҳар жондадур.

Эр Жалолиддин сиёқи мангу ҳар қалбда аён,
Душман олдида анинг имконлари осмондадур.

Ёвга даҳшат солди Қурбонжон кечиб ўз жонидан,
Бу улуғ ҳикмат макони маъдани Турондадур.

Элу юрт корида кимки жон фидо этгай, билинг,
Ул бу кун халқ ёдида, маҳшар куни ризвондадур.

Ҳаққа содиқлик ила, Маҳмуд, топарсан эътибор,
Ҳар улуғ ишнинг савобин ажрими султондадур.



Эҳтиёт қилгил тилингни
 
Эҳтиёт қилгил тилингни, билким, ожиз бандадур,
Гоҳ заҳар, гоҳида малҳам, гоҳида манмандадур.

Бир нидо келгай Скандар, сартарош ровийсидан,
Ул қудуққа бош суқибким, охири шармандадур.

Ўттиз икки миршаби банд этса ҳам ул алжигай,
Ҳеч тутиб бўлмас ани сўнг, бил, жилов мингандадур.

Дашту бўстонга баробар сочса ҳам нурин қуёш,
Олтину ножинсни матну матлаби маъдандадур.

Очма лаб ҳар касга беҳуд, қалб сирин тутгил ниҳон,
Ким бу кун гулхандадур, ваҳ, ким бу кун гулшандадур.

Камтаринлик бирла ҳар ким эл аро топгай камол,
Марди майдонларни шавқи, ҳикмати руҳ тандадур.

Панд-насиҳат бирла, Маҳмуд, беписанд қўйма қадам,
Ушбу ожизлик сифоти мандадур, гоҳ сандадур.

Кўзингни очмасанг, эй дил...

Кўзингни очмасанг, эй дил, лаҳадда очмоғинг бордур,
Ниҳон қолмас бирор аъмол, сирингни сочмоғинг бордур.

Туролмассан, жилолмассан, эвоҳ, ул кун жойингдан ҳеч,
Хатарларни кўриб ул дам азобин чекмоғинг бордур.

У кун Мункар, Накирларнинг сўроғига не дерсанким,
Адолат гурзиси тушгач, тариқдай учмоғинг бордур.

Ёруғ оламда ҳақ йўлда риёзат чекмадинг асло,
Жаҳаннамнинг азобига суниб бош, кечмоғинг бордур.

Ўзингда ихтиёр эрди, лек ишққа бермадинг кўнгил,
Қаро ерда тугунларни ки бир-бир ечмоғинг бордур.

Синоат қилмайин ўтдинг гуноҳ ҳамда савобларни,
Пиширган заққум ошингни ки анда ичмоғинг бордур.

Кўзингни каттароқ очгил гуноҳлар ичра, эй Маҳмуд,
Ки фазлидин берар бўлса, савобин қучмоғинг бордур.


Тотмагил нокас нонин

Тотмагил нокас нонин ул охири сарсон қилур,
Эл аро обрўнг тўкиб, нархи сўзинг арзон қилур.

Сингмагайдур икки дунё луқмаи таъна азал,
Ким маломат ичра ул файзингни ҳам нуқсон қилур.

Этмасанг гар эҳтиёт дил боғини, ё алҳазар,
Топганинг барбод этар, бул ишни ул шайтон қилур.

Ким ҳалоллик бирла топган ошу нонингдур ширин,
Сохта қўй ёғи дилингни бир куни вайрон қилур.

Дўстга дўстлардан мурувват айламас ҳаргиз бу кас,
Нафси аммора ичинда макрини чандон қилур.

Яхши одамлар йироқ юргай алар майдонидан,
Во ажаб, бу иш ичинда баъзилар ҳайрон қилур.

Ўз-ўзингни тарбият тарҳида тут, Маҳмуд, бу кун,
Бу ҳидоят риштаси кўнглингни чин комрон қилур.


Боғлар қолур

Яхши одамдан ҳаётда яшнаган боғлар қолур,
Боғин обод этгучи чин аҳли ҳуш – соғлар қолур.

Гуллагай азмойишидан гул-чечаклар ҳар нафас,
Баҳра олганлар дилида руҳи ардоғлар қолур.

Шамси анвар қудратидан еру кўк топгай ривож,
Неъмати ҳақ ичра сўнмас мангу яфроғлар қолур.

Ҳар юрак сатҳида шундай тақдирот мавж айласин,
Яхшидан булбул ва лек шарр аҳлидан зоғлар қолур.

Экканин ўргай азалдан турфа олам ичра ким,
Яхшидан ёғлар қолур-у, аксидан доғлар қолур.

Зоти поклардан ямонлиқ кўрмаган дунё абад,
Пурнафаслар ҳикматидан ҳурнафас чоғлар қолур.

Ибрат ол, Маҳмуд, ҳаётда яхшилар аъмолидан,
Чунки босган изларидан яхши чорбоғлар қолур.



Қолур

Ўтгуси сохта саодат охири жонинг қолур,
Жонингга жон бўлғучи гар бўлса, иймонинг қолур.

Қадри кетгайким кўнгилда бебақо не бўлса гар,
Асли қиммат турғучи ул бўлса, имконинг қолур.

Ўзлигин топгунча, эвоҳ, қалб жўшадур ҳар сари,
Тилдаги шавқ ҳоври тушгач, дилдаги қонинг қолур.

Ҳар томон ёқмоқ умрнинг машъалин беҳуда, бил,
Қалб чироғинг ичра ёнган лаҳза чин онинг қолур.

Ким шаҳодат берди шуҳрат отининг мангулигин,
Барчаси ўтгайки бир-бир, умри армонинг қолур.

Дилга жойлаб ишқ сирин битгил ғазал, Маҳмуд, бу кун
Ки, ажабмас кўнглинг ичра нақши девонинг қолур.




Умидим бор

Маним кўнглимга ўт солғон ҳаволардан умидим бор,
Ҳаволар ичра мавж урган наволардан умидим бор.

Боқиб ҳур нусрати бирла бу қалбимга олов ёққан,
Висоли ҳажрида чеккан жафолардан умидим бор.

Ки ёрнинг ғамзаси руҳим шароби ичра жўш урди,
Бу ҳолимни тушунган ул расолардан умидим бор.

Бу ишқ сирридан ўрлайди вужудим ичра афғонлар,
Сукут ичра  таралган ул садолардан умидим бор.

Оловлар ичра ёнган дил муҳаббат сарҳисобида,
Бу асли ишқи ботинга вафолардан умидим бор.

Фалакнинг гардиши ичра дилимда кўп талотумлар,
Бу неъмат жабрида қадди адолардан умидим бор.

Муҳаббат шавқида, Маҳмуд, туну кун сен риёзат чек,
Риёзатларда дардимга даволардан умидим бор.


Яхши ният

Яхши ният ҳар замон инсонга омад келтирур,
Икки дунёсин безаб, роҳат-фароғат келтирур.

Лафзи хушлик ҳар кишининг толеидан бир нишон,
Бу кўнгил одоби ҳар ишда шарофат келтирур.

Яхши сўз жон ичра жонким, руҳга бахш этгай ҳузур,
Ул абад дўстларга дўстликдан қаноат келтирур.

Яхши сўз яхши, дегайлар пиру устозлар мудом,
Ҳар латиф қалбга ҳимматдан каромат келтирур.

Яхши сўздан покланур ҳар бир кўнгил, ҳар бир вужуд,
Чунки шамс олдида зулмат доим итоат келтирур.

Эл аро, Маҳмуд, кўнгилдан яхши сўзни сўзлагил,
Яхши ният, яхши сўз мангу саодат келтирур.





Гулзор қилур

Ота-она қадрини фарзанди нодон хор қилур,
Кенг ёруғ оламни, дўстлар, кўзларига тор қилур.

Не азоб бирлан яратган ул кўнгулнинг қасрини
Лаҳзада кул-кул қилур-да, лаҳзада абгор қилур.

Алҳазар, минг алҳазар, бундай балодин сақлагин,
Зурриёдлик риштасин охир бўйинга дор қилур.

Эл аро номи қаро бўлгай, минг афсус, ногаҳон,
Толеин шамъини барбод айлагач, ғам ёр қилур.

Гул мижоздур қалби қайга эксанг ундан бўй олар,
Чин кўнгулдин қилса ишни уста боғбон, кор қилур.

Эй Худоё, ҳар ўғил-қиз бахтини бергучи сен,
Қудратинг чексиз, ягона, йўқни зумда бор қилур.

Ҳар ўғил-қиз мақдамин кўздан қочирманг, дўстлар,
Яхши йўлга тушса, Маҳмуд, ўнг-сўлинг гулзор қилур.


Ота-онанг рози бўлса

Ота-онанг рози бўлса, дил уйинг обод бўлур,
Оғриса бевақт кўнгил, битган ишинг барбод бўлур.

Мева бергай бандидаги  гуллаган ҳар бир чечак,
Гар шамол узса, унинг ҳоли, билинг, войдод бўлур.

Чўққида турган билан тошнинг юки тоғ бағрида,
Ногаҳон чоҳга йиқилгач, тоабад фарёд бўлур.

Роҳи ростлик ишқи бирлан доимо ибратда бўл,
Ўйласанг рўзи жазони, охири имдод бўлур.

Ибрат олса ҳар киши ўтган улуғлар ёдидин,
Мақсадига етказур, чин соҳиби иршод бўлур.

Йўлдан оздирган рақиблар нағмасига берма дил,
Домига тушганга, билгил, икки дунё ёт бўлур.

Ота-онанг қадрини, Маҳмуд, бошингда тут баланд,
Охиринг обод бўлур, маҳшар жойинг жаннат бўлур.

Одамийлик ҳам  ибодат

Одамийлик ҳам ибодат, оҳ, уни билган билур,
Ёру дўстларга ҳамиша оқибат қилган билур.

Кўз очиб дунёга келмоқ энг улуғ неъмат эрур,
Бу улуғ неъматни дилга ҳуснихат қилган  билур.

Бу ёруғ оламда инсон зоти олий, дўстлар,
Ҳиммати олийни ўзда тарбият қилган билур.

Яхши хулқ, яхши ҳунардин муддао келгай етиб,
Бу савоб ишларни элга руҳият қилган билур.

Элу юрт корида кимки, омади келган мудом,
Бу фазилатни юракка қатма-қат қилган билур.

Яхши инсонлар саодат боғининг боғбонидир,
Бу шараф-шонни ўзига ҳур сифат қилган билур.

Чин муҳаббат ичра кўнгул юксалур осмон қадар,
Бу илоҳий шавқни дилга маърифат қилган билур.

Олам ичра одамийлик қил мудом, Маҳмуд, тугал,
Одамийлик ҳам ибодат, оҳ, уни билган билур,

Ҳар кишининг қалбида

Ҳар кишининг қалбида бир ғойиби ҳикматки бор,
Ким анинг сиррида юрса ҳамма вақт омадга ёр.

Бу ғанимат дамни хуш бил, дилни бедор айлагил,
Кўнгли бедор ҳар кишининг умри доим бахтиёр.

Комил инсон бу синоат ичра топгай баҳри дил,
Оқил ул ким ўз хатоси бирла этмас ифтихор.

Қўллагай ҳар ишда эл-юрт ўз асл фарзандини,
Ҳақ  йўлинда ҳақ сўзини этса ўзига шиор.

Ҳур Ватан боғини кўркам айламак ориф иши,
Бу муқаддас ҳисга хуш дил боқмагай беэътибор.

Турфа хил инсон аро ўтгай ҳаёт, эй дўстлар,
Бу сифатлар ичра дил бўлгай туну кун ҳушёр.

Бас, кўнгил лавҳига, Маҳмуд, ишқини ёз ҳар нафас,
Тўғри йўлдан ҳеч қачон оздирмасин парвардигор.

Улуғлар суҳбати

Улуғлар суҳбати доим кўнгилга файзу роҳатдур,
Бу неъматдин, аё дўстлар, вужудда бир фароғатдур.

Ёнурлар шамсу анвордек, ки юртнинг бахти бу зотлар,
Бири дарёйи раҳматдур, бири соҳиб кароматдур.

Ки элнинг ёди ёдида, ки юртнинг бахти бахтида,
Кеча-кундузи ҳақ йўлда, ҳаёт йўли шижоатдур.

Кўринмас кўзга ул бот-бот, қаю дил излагай имдод,
Яратган қудрати, ҳайҳот, улар ботинда қат-қатдур.

Ки тангрим қудрати будир, бу туйғу мангу туйғудир,
Ки тангрим суйган ул қулдир, дилида чин саодатдур.

Улуғлар пойини, Маҳмуд, ҳамиша дилга ошно қил,
Бу зотлардин тўкилган нур илоҳ берган муҳаббатдур.



Инъоми бор

Яхшиларга бу ҳаётнинг бебаҳо инъоми бор,
Ўзи суйган бандаларга бергучи имкони бор.

Қўл билан берганга бутмас дони ҳам қушнинг мудом,
Ким азал ризқин берувчи тақдири сорбони бор.

Яхшилар бирла савобинг тоғ каби бўлғай баланд,
Толеингни бор этувчи борининг эҳсони бор.

Неки келса, бил, ҳаётдин ниятинг топгай камол,
Яхшига яхши, ёмоннинг сўнгида армони бор.

Ҳақ йўли, ишқи билан дил тоат-ибодат айлагай,
Ҳар қадам, ҳар бир сўзида чунки ҳақ фармони бор.

Бу мунаввар руҳга ҳар ким чиққуси шавқи билан,
Ким анинг қалбида ишқи ғойиби нарвони бор.

Ҳар нафас шукрини, Маҳмуд, ушбу кун айлар баён,
Чунки дил амрида мангу сарвари султони бор.



Султони бор

Аҳли ошиқлар дилида сарвари султони бор,
Икки олам раҳмати ул маҳваши мардони бор.

Олтину ножинсни ҳар дам фарқлагай заргар кўзи,
Қадри кетмас ҳеч гуҳарнинг, ишқ аро майдони бор.

Зангламас занг ичра танҳо, қадри ортгай ҳар нафас,
Вақт, макон ичра бўй олган беадад имкони бор.

Ул яратган қудрати ҳам фазлидин топгай ривож,
Ким улуғлик фасли берган қалбида бўстони бор.

Бу каби зотлар билан дил яшнагай, топгай камол,
Аҳдида собитқадамлар бирла хуш даврони бор.

Неъмати ҳаққа дуоси, шукри қалбида мудом,
Тил ва дилда зикри ҳар дам, бериё эҳсони бор.

Дермукин, Маҳмуд, сенга ҳам ул Набийи Мустафо:
“Ки, алар пойинда, эй қул, сенга ҳам ёзгони бор”. 


Тақдири олийда бўлса

Тақдири олийда бўлса ризқу рўзинг,  бор бўлур,
Ҳар қачон ҳар ердаги хуш ишларинг бисёр булур.

Бил, савоб мақсадга дохил айлагай ҳар дам ўзи,
Ажрими ҳар ишда ҳар он ўзига изҳор бўлур.

Ҳар сабаб бирла зиёндин асрагай ҳикмат сени,
Элу юрт олдида босган изларинг гулзор бўлур,

Дил илоҳий, руҳи поклар шавқидин топгай камол,
Ғойиби кўнгул уйинг раҳматга хўб пойдор бўлур.

Руҳ қарор бергай бу боқий ишқу лаззат кўйига,
Ҳақ йўли қалбинг нурига доимо сардор бўлур.

Беадад шукроналиғдин файзиёб бўлгай  кўнгул
Ким, улуғлик бирла ўтган ҳар онинг дийдор бўлур.

Ҳақ таоло ҳар вужудни ярлақувчи бир ўзи,
Бандасин толейи, Маҳмуд, охири чин ёр бўлур.


Умид қилгил

Умид  қилгил, умидинга гўзал бир кун назар бордур,
Умид  қилган кўнгилларни шарафларга ёзар бордур.

Умиднинг ҳикмати етгай қарору сабру тоқатдин,
Анинг ҳур мевасин тақдир ахир бир кун безар бордур.

Ният бирлан шижоатдин ёришгай муддао кам-кам,
Умидлилар кўнгил сатҳин кеча-кундуз кезар бордур.

Илоҳнинг ҳиммати доим умидлилар қароғида,
Бу шуҳрат бирла ҳар кимга борур йўлдин гузар бордур.

Умиднинг риштасин тутгил, ҳидоятга бурар доим,
Умидсизлик умидлар қасрини доим бузар бордур.

Аё кўнглим, умид қилгил илоҳдин, оҳ, сўраб ёлвор,
Умидлилар учун ҳар дам ва ҳар ён сийму зар бордур.

Яратган қудрати, Маҳмуд, абад шамъини ёққайдур,
Бу неъмат бирла ҳар ким охират йўлин  тузар бордур.

 
Боғида турса — азиз

Ҳар дарахт асли яшил ўз боғида турса — азиз,
Барқ уриб яшнаб очилган чоғида турса — азиз.

Азми ҳақ бирлан уруғким кўз очиб тақдирида,
Чўлми ё дарё-ю кўл қирғоғида турса — азиз.

Хасми ёким бир қуруқ новда кўкаргай ишқ ила,
Қирми ё ўсган макони тоғида турса — азиз.

Лавҳул маҳфузда битилган қисмати ҳар нечаким,
Бош эгиб тақдирга чин туфроғида турса — азиз.

Қадди доллар икки дунё корида собит мудом,
Ҳикмати бирла кўнгил ардоғида турса — азиз.

Ҳар гиёҳ айтур саловат ҳаққа руҳу шаклидин,
Васлига муштоқ туну кун доғида турса — азиз.

Англа, Маҳмуд, сен Ватан қадрин гулу гулзорида,
Кўз очиб кўрган улуғ чорбоғида турса — азиз.



Сўзлангиз

Эй азиз дўстлар, менга сиз қадриятдан сўзлангиз,
Қадрият ичра ҳамиша тарбиятдан сўзлангиз.

Ўйғотур завқин кўнгилда ҳикмати бирла юрак,
Ҳикматин тутгувчи юксак фазлиятдан сўзлангиз.

Одамийлик тарҳи юксак, бебаҳодур, бебаҳо,
Бебаҳо неъматга, дўстлар, боқиятдан сўзлангиз.

Кимки эл-юрт корида топди назар, шавқи баланд,
Шавқини бергувчи мангу аслиятдан сўзлангиз.

Аҳли дилларким, азалдин бу сифат ичра улуғ,
Бу улуғликни берувчи шахсиятдан сўзлангиз.

Дилга дўст шамъини ёққай ҳар кўнгил асли билан,
Аслини этгувчи зоҳир руҳиятдан сўзлангиз.

Ажрини топгай ҳамиша бу фараҳ ичра кўнгил,
Энди сиз Маҳмудга, дўстлар, оқибатдан сўзлангиз. 


Бўлса меҳнатдин йироқ

Топмагай ҳеч ким фароғат, бўлса меҳнатдин йироқ,
Ким муродига етолмас, бўлса заҳматдин йироқ.

Гар чумолича эмасдур шиддати олам аро,
Ҳеч иши битмас агарким, бўлса қувватдин йироқ.

Эътибор ёшликда топган ҳар киши бўлгай азиз,
Умри ўтгай беқадр, ким бўлса ҳурматдин йироқ.

Ким ният бирлан фақат ошмас амалга ҳеч бир иш,
Учрагай ҳар дам тўсиққа, бўлса журъатдин йироқ.

Нокасу ножинс қаторига қўшилгай билмайин,
Яхшилардин қочса кимки, бўлса хизматдин йироқ.

Илму шаҳд бирлан фақат инсон ўзин кашф этмади,
Меҳнатидин топмагай файз, бўлса ҳикматдин йироқ.

Жон чекиб, Маҳмуд, бу кун ҳар касга бекор айтма сўз,
Ким ёзуғда бўлса ул гар файзу неъматдин йироқ.

Истиқлол завқи

Шараф-шон ичра Истиқлол йўлига эътмод этдик,
Бу айём завқини, дўстлар, кўнгилга эътиқод этдик.

Яратганга шукур минг бор, буюк йўлда улуғ карвон,
Бу тақдирга олиб келган улуғ зотларни ёд этдик.

Буюк юрт дарғаси, дўстлар, жаҳон ичра омон бўлсин,
Музаффар ўлкамизни боз замонлар ичра шод этдик.

Ғанимлар зулмидин, эй воҳ, кўнгил мустар эди, дўстлар,
Бу кун тенгмиз, диёрим мадҳини мангу савод этдик.

Бу шодлик, тантана, алёр диёримнинг сафосидур,
Гўзал турмуш чароғида шижоатни зиёд этдик.

Баҳорий хуш ҳаволардан чечак ёзди чаманзорлар,
Бу гуллар атридан яйраб, кўнгулни инбисот этдик.

Чаманлар ушбу дамларда малаклар рақсидан обод,
Бу гулшан ичра мангуга қолиб кетмак мурод этдик.

Улуғ юрт созини чертмак кўнгиллар орзуси эрди,
Бу бахтга етди Маҳмуд ҳам, ани, дўстлар, ирод этдик.

Бор бўлинг

Бир-бирингиз-чун ҳамиша, ёру дўстлар, бор бўлинг,
Ҳақ йўлинда чарчамай сиз доимо ҳамкор бўлинг.

Кўзлаган манзилга ҳеч ким бир ўзи етган эмас,
Бу улуғ бўстонда ҳар дам ҳамдам-у, даркор бўлинг.

Роҳи рост майдонидаким, қўллагай парвардигор,
Бу хушуъ файзу барокот бирла чин бедор бўлинг.

Бандаси ожиз экан деб, норасо қўйманг қадам,
Илтижо айланг туну кун, бандайи Саттор бўлинг.

Мақдамингиздан диёнат гуллари чиқсин униб,
Нокасу ножинсга, дўстлар, доимо ағёр бўлинг.

Аҳли ошиқлар сифотин қалбга жо айланг бутун,
Ушбу ибрат бирлаким сиз ҳамдами аброр бўлинг.

Ким дуо ичинда, Маҳмуд, сен ўзидан сўр нажот,
Бу савоб ишларда ҳар дам жаннати дийдор бўлинг.
Яшанг

Бу жаҳон саҳни синов майдони, полвонлар, яшанг,
Номи дунёга таралган асли султонлар, яшанг.

Бебақо дунё демай чин шамс янглиғ порлаган,
Мулки истиқлол йўлида кори сорбонлар, яшанг.

Борлиқ ичра донг таратган, ишда келтирган зафар,
Мустақиллик соябони — марди майдонлар, яшанг.

Бу зафар бўстони ичра шиддати олам аро,
Нури ҳақ ичра шараф топган шараф-шонлар, яшанг.

Ишқи ҳикмат қудрати, эл ичра якто сўзлари,
Эл азиз қилган муқаддас умри ҳур жонлар, яшанг.

Олам ичра ҳар дақиқа элу юрт дармони сиз,
Қадрини билгувчи пок дил, нури иймонлар, яшанг.

Эл аро тинчлик учун бахшида шонли умрингиз,
Қудрати зўр ифтихорда, давру давронлар, яшанг.

Юртга жонбозликни, Маҳмуд, мадҳин айла то абад,
Ҳар замон ҳар қайда эзгу руҳи туғёнлар, яшанг.

Шукрини қилгил Худонинг

Шукрини қилгил Худонинг, руҳу аҳволинг гўзал,
Этгучи дилни сарафроз асли тимсолинг гўзал.

Шавқи ишқи бирла топгай ҳар кўнгил осудалиғ,
Аслият завқини тотган рўзу моҳ, солинг гўзал.

Ўйлаганда сен ҳақингда тилларидан бол томар,
Ҳусну одобинг биланким, асли ул ҳолинг гўзал.

Сийрату сувратдасен покиза иймонинг била
Ҳам диёнат ичра балққан юздаги олинг гўзал.

Тақдиринг берди самарким, ризқу рўзингдур ҳалол,
Талъатинг исмат ароким, бахту иқболинг гўзал.

Чун фасоҳат бобида ҳам айлабон ҳар дилни ром,
Ҳикмати ҳақ бирла тотли тилдаги болинг гўзал.

Ким азал ул бандасининг руҳи Маҳмуддир, улуғ,
Ҳақ билан, ҳамдам билан покиза аъмолинг гўзал.
Фароғат излама, эй дил...

Бу даҳри дун мақомидин фароғат излама, эй дил,
Бериб кўнглингни фонийга шафоат излама, эй дил.

Юмиб очгунча кўзни, бил, ўтар бу бебақо дамлар
Ки, тафтсиз ул ёнишлардан аломат излама, эй дил.

Бу дунё коридин қай дил шараф топди ўзига рост
Ки, аслига етишгунча ҳарорат излама, эй дил.

Муҳаббатсиз одамлардан топилмас ганжи шавқ, эвоҳ,
Ўзин билмас нокаслардин иродат излама, эй дил.

Келиб-кетди неча зотлар, дилида зикри Иллаллоҳ,
Алардин ибрат олгил, бас, шарорат излама, эй дил.

Риёзат чекмайин ҳосилга кўз тикмоқ кароҳатдур,
Бу фурсат борида хайр эт, надомат излама, эй дил.

Тепиб дунёни молини шараф топди мубораклар,
Бу ишни қилмайин ҳаргиз ибодат излама, эй дил.

Муножот айладинг ҳаққа, роҳи рост ичра, эй Маҳмуд,
Сиротдан ўтмагунча ҳеч ижобат излама, эй дил.

Этгил

Муҳаббат аҳлини, эй дил, ўзингга ихтиёр этгил,
Бу юксак фазлу маъводин кўнгилни ёрга ёр этгил.

Анинг ҳур риштаси роҳдир асл олам чароғига,
Бу мангу чин сафосидин кўнгилни борга бор этгил.

Илоҳий қудрати бирла кўнгул ҳурдир, ҳувайдодир
Ки, қонингда кезар руҳи ани дилга мадор этгил.

Умрнинг ҳикмати, шукри бу айём берган айёмдир,
Нафас ичра нафаским ул, ани руҳингга кор этгил.

Риёзат ичра тут ўзни ҳам ўзга қилмагил сўзни,
Анга бургил абад юзни, ифорин ифтихор этгил.

У кун маҳшар садосини, шараф ичра баҳосини,
Чу топғунча сафосини ўзингни зору зор этгил.

Саодат ишқида, Маҳмуд, тун-кун сен иродат қил,
Қанот ёзгил шижоат-ла, анга жонни нисор этгил.

Устозни бил

Эй кўнгил, ҳар дам ҳаётда энг азиз устозни бил,
Тўғри йўлга бошлагувчи мўътабар овозни бил.

Соябони бирла ҳақдир ҳар қаерда ёш юрак,
Руҳга руҳ қўшгучи соҳир ҳамқадам, ҳамсозни бил.

Фасли дилда гоҳи қишдир, гоҳ баҳор, гоҳида куз,
Бас, камолингга камол қўшгучи иссиқ ёзни бил.

Неки боқий ёки беҳуд барчасин кўргай кўзинг,
Қалбга нур бергучи мангу лавҳи дил – қоғозни бил.

Нафси комидин азият бирла чиққан эътибор,
Ким ҳалолидин берувчи ризқи рўзи озни бил.

Беҳаёлар макридин қоч, шармисор айлар мудом,
Юзида парда осиғлиқ, шеваси бор розни бил.

Пиру устоз пойи гардин, айла Маҳмуд, тўтиё,
Ким алар фотиҳасидин доимо парвозни бил.


Мустақиллик руҳи бирла

Мустақиллик руҳи бирла шод бўлди бу кўнгил,
Қайта тикланди ҳақиқат, ёд бўлди бу кўнгил.

Англамоқ бахти мушарраф бўлди, ҳар бир кимсага,
Дўстга дўст, душманга чиндан ёт бўлди бу кўнгил.

Қулфи дил очилди такрор, кулди иқбол-бахт насиб,
Номи дунёга таралган зот бўлди бу кўнгил.

Олам ичра руҳи поклар топди обрў-эътибор,
Тоғ каби юксалди дил, обод бўлди бу кўнгил.

Ўзлигин ҳис этди Маҳмуд ушбу кун эллар аро,
Марди майдон ичра чун Фарҳод бўлди бу кўнгил.








Излагил

Номаи иллатни, эй дил, сен ўзингдан излагил,
Ўйламай суҳбатда айтган ул сўзингдан излагил.

Боқма дўстлар сувратига, излама ундан хато,
Бирга-бирга ножўя босган изингдан излагил.

Қўймагил нобоп қадам, парвардигор деб беайб,
Воҳ, ўзингдан ўтганини илдизингдан излагил.

Бу ёруғ оламда элга барча қилмишлар аён,
Ноаён қолганларин икки кўзингдан излагил.

Дил кўкида кундузи кун, тунлари ойдир мудом,
Иккиси ҳам бўлмаса гар, юлдузингдан излагил.

Ўтма тафтсиз шуълаларнинг завқидан мағрурланиб,
Ҳақ ризосини ҳақиқий кундузингдан излагил.

Ўзгалар фарқини ўздин ўзга тут, Маҳмуд, мудом,
Бас, бу умринг шарҳини ичган тузингдан излагил.


Билдирмагил

Ўзни билмас кимсаларга ўзни сен билдирмагил,
Билдириб афсус ема, кўксингни сўнг тилдирмагил.

Ҳар кишиким тенги тўши бирла топгай эътибор,
Яхшиларнинг суҳбатида кипригинг илдирмагил.

Дўстга интил, ёрга интил, завқ билан ўтсин кунинг,
Дўст билан топган нонинг нокасга ҳеч синдирмагил.

Яхши дўстлар суҳбатида пиру устозлар яшар,
Шу йўсинга сол юракни, ҳеч қачон тиндирмагил.

Тоза қалбнинг давлати чин, икки дунёси азиз,
Нокасу носозни асло қалбинга индирмагил.

Оқибат ичра йўлингни тоза тут, Маҳмуд, мудом,
Бебаҳо ҳамдам ила ўтган даминг елдирмагил.





Хуш назар бирла қаранг

Хуш назар бирла қаранг, дийдор ғаниматдур бу дам,
Ота-она, аҳли дўст, дилдор ғаниматдур бу дам.

Ҳар нафас такрори ўзга, қайтмагай ҳеч лаҳза ким,
Паст-баланд ургай юрак, иқрор ғаниматдур бу дам.

Ҳар қадамда турфа ҳис, ҳар бир назар тафти бўлак,
Гоҳ ёруғ, гоҳо заиф рухсор ғаниматдур бу дам.

Вақт аро дўстлар жамоли ичра сиз ҳурмат топинг
Ким, азизлар лутфидан асрор ғаниматдур бу дам.

Аввалу охирда ҳар иш фурсати ҳикматдадур,
Анга кўнглин чоғлаган аброр ғаниматдур бу дам.

Жустужў айланг саодат ичра дил майдонида,
Бу ҳидоят истари бедор ғаниматдур бу дам.

Айлагай кимёки, Маҳмуд, иқтидо руҳи дилинг,
Бу улуғ майдонда чин ҳамкор ғаниматдур бу дам.



Бу дам     

Оҳ, сени кўрмак учун кўнглимда ўт, эй ёр, бу дам,
Қалб муҳаббат шавқи ичра тўлғонур бедор бу дам.

Неча йилким дил уйи чанқоқ эди ишқ нурига,
Бу синоатдин юракка тўлди сир-асрор бу дам.

Интизорлик руҳи ичра хаста қалб ҳар ён жўшар,
Риштасин тутмоқ учун пойинга ул зор-зор бу дам.

Бу саодат сеҳри ичра титрагай қалб беомон,
Дарду аҳволин аён этмоқ учун изҳор бу дам.

Минг шукр, севмак насиб этдинг, фақирга, эй рафиқ,
Ҳасрато, ишқ қасрида тургай яна ағёр бу дам.

Шавқи дил, севмак-севилмакдин шижоат топди қалб,
Бош қўюрман изларинга оҳ уриб такрор бу дам.

Бахт насиб, Маҳмуд, юракка тўлди ишқдин шавқ ўти
Ким, сурури ишқидан топгай кўнгил иқрор бу дам.

Қаҳрамон — Фарғонадан 

Ўзбекистон Қаҳрамони,
машҳур пахтакор Комилжон Мамажоновга   

Эй азиз дўстлар, шарафли паҳлавон — Фарғонадан,
Пахта илмида биринчи Қаҳрамон —Фарғонадан.

Бахш этиб ўзни Ватанга, тер тўкиб ёз, куз, баҳор,
Элу юртда донг таратган дурфишон — Фарғонадан.

Элга ошкор неча минг йиллар бу касбнинг заҳмати,
Лек бу кун ўз шуҳратин қилди аён — Фарғонадан.

Мустақиллик неъмати дилларга солди иштиёқ,
Чўнг ниятлар мева берди ҳур макон — Фарғонадан.

Ўзбекистон шавкати юксак бўлиб эллар аро,
Қудратига куч қўшилди жонажон — Фарғонадан.

Пахтакорлар кўп элимда, қаҳрамонлар кўп валек,
Пахтакорлар ичра илк соҳибнишон — Фарғонадан.

Юрт аро қаддингни, Маҳмуд, тут баландким ушбу дам,
Ўзбекистон машъали, кўрки замон — Фарғонадан.


Дилдаги эй сарвинозим...

Дилдаги эй сарвинозим, сизга бир бор етмадим,
Илтижо қилдим туну кун сизга бедор, етмадим.

Ишқингиз ҳажрида муштоқ барг каби сарғайди қалб,
Ки кўнгил руҳ берди такрор, сизга такрор етмадим.

Васлингиз истаб дуолар айладим мен, эй ҳабиб,
Йўлингизга кўз тутиб бўлдим-ку абгор, етмадим.

Тақдири ғойибга шукрим, туну кун ўйимдасиз,
Лутфингизга бўлди дил зор, чекдим озор, етмадим.

Ул яратгандан сўрарман меҳрингиз офтобини,
Шунча бўлғайму ситамлар, сизга, дилдор, етмадим?

Дилга жойлаб ишқ сирин, Маҳмуд, кўнгилдан бит ғазал,
Ихтиёр этгайму тақдир сизга, эй ёр, етмадим?


Ҳамдам  ширин

Ақраболар бирла ўтган дам ширин, ҳамдам ширин,
Бу улуғ суҳбат аро одам ширин, олам ширин.

Ҳар киши топгай ўзин ошуфталар изҳорида,
Ҳикматин сезган юракка жам ширин, мақдам ширин.

Иқтидолар ичра кўнгил бўй чўзар юксак сари,
Мубталолар-чун ҳамиша ғам ширин, ҳар дам ширин.

Аҳли диллар бирла пок руҳ сайр этар бўстон аро,
Ташнаи ҳар қалбга озиқ чашмаи зам-зам ширин.

Ишқ аро неъматга қай дил айласа чин иштиёқ,
Илкида турган анинг Аъзам ширин, Адҳам ширин.

Аҳду шиддат бирла комил айлади ким ўз дилин,
Ким чароғида анга Хожам ширин, ҳотам ширин.

Барқарорлар ичра, Маҳмуд, зарра бўл, пойида бўл,
Икки дунё ичра ким бул таъм ширин, малҳам ширин.


Муқаддас, бебаҳо юртим

Муқаддас, бебаҳо юртим, ҳаётим ичра сарварсан,
Вужудим ичра анбарсан, баётим ичра гавҳарсан.

Неча минг йилки, оламға қуёш янглиғ буюк қалбинг,
Азизсан, нури пок сансан, ўзинг руҳимга меҳварсан.

Улуғ зотлар Амир Темур, Навоий ҳамда Фарғоний,
Ки Бобур бирла Нақшбандий каби зурёдпарварсан.

Ҳабиб Абдулло, Иброҳим Мўмин, Чўлпону Беҳбудий,
Ки Ислом, Озоду Эркину Орифдин мунавварсан.

Эрур халқда қарору азму ҳар ишда бароринг бор,
Яратган қудрати бирла ки зарлар ичра заргарсан.

Саодат ўлкаси сенсан, ки тенглар бирлаким тенгсан,
Жаҳон айвонида мангу нурафшон шамси анварсан.

Сенга таъзим билан Маҳмуд битар ҳайратда ашъорин,
Ўзинг руҳимга қудратсан, ўзинг пок ҳавзи кавсарсан.   
   

Яхшилар қадрини билгил

Яхшилар қадрини билгил, ерга ётмасдан бурун
Ким қуёш йўлини тутгил, токи ботмасдан бурун.

Яхши инсон бу ҳаётнинг неъмати ҳам раҳмати,
Бу азиз ҳикматни тут ғафлатда қотмасдан бурун.

Яхшилар фазли билан, бил, Ер омон, Осмон омон,
Кўзни оч, беҳуд ёмон заҳрини тотмасдан бурун.

Бил, ёмоннинг макри кўпдир, ҳар қадамда ҳар шакл,
Ҳақни фош қил, ким ғаним рўёни сотмасдан бурун.

Оқилу фозил пойин кўзларга сурт, суҳбат қуриб,
Нокасу ножинс сени лойларга тортмасдан бурун.

Ким азал ноҳақ дегайдир ҳақни нафс шайтонлари,
Йўлларин тўсгин,  алар тошларни отмасдан бурун.

Руҳи поклар бирла, Маҳмуд, пок эрур ушбу ҳаёт,
Яхшиларни асрагил, токим йўқотмасдан бурун.


Эл  аро обрў топар...

Эл аро обрў топар ҳар дам қаноат айлаган,
Ҳур фикр бирлан дилин чиндан саодат айлаган.

Касби ҳол бирла азиз ризқин топар ким бахтиёр,
Қучгуси иқбол азалдан бунга одат айлаган.

Эл назар этгай ҳамиша, аҳли дил қилгай дуо,
Тоза руҳ виждон билан умрига тоқат айлаган.

Молу мулки тоғ қадар бўлса емиргайдур зиён,
Бир куни воҳ-воҳ дегай, ким дилни бадхат айлаган.

Бўлмагай файзу барокат қайда бўлса маъсият,
Ким ҳалолидин олур дилдан шижоат айлаган.

Эътиқод мағзи билан ҳикматга кондур бу ҳаёт
Ҳақ таоло барчасин турфа синоат айлаган.

Ҳолингга шукрона айтгил ҳар нафас, Маҳмуд, бу дам
Яхшилар умрини ҳақ нури ҳидоят айлаган.


Билолмассан

Ки тақдир битмаган бўлса, бирор ишни қилолмассан,
Бил, ожиз бандасан сен ҳам, қуёшмассан, ҳилолмассан.

Амонат ҳар нафас, ҳар дамларинг асли синоатдир,
Келиб қолса хабар, ул дам чопонингни киёлмассан.

Фиғону ҳасрато бирла ётур қанча жавоҳирлар,
Муваққат барча гулзорлар, бу дунёда қололмассан.

Билурман деб, шароратга кўнгилни бермагил зинҳор,
Ўзи билдирмаса, кўнглингдагин ҳам ҳеч билолмассан.

Бисоту молу дунёнинг ҳавоси ўзгарур дам-дам,
Самода учганинг бирла, ки жойингдан жилолмассан.

Фасоҳат бирла ўтди, оҳ, неча зоти мубораклар,
Алардан ибрат олгилким, ахир сен ҳам ниҳолмассан.

Кўнгил лавҳига, Маҳмуд, охират мулкини сен битгил,
Сўрар вақти қиёматда амалдан ҳеч уёлмассан.


Боғлагил дил риштасини...

Боғлагил дил риштасини ул азиз рухсора чин,
Туну кун бошингда бедор сарвари ғамхора чин.

Ҳикмати бирла мукаррам айлагай суйгонини,
Лаҳзани ўтказма бекор, тез югур изҳора чин.

Асрагай ҳар дам балодин бандасини, шубҳасиз,
Ки қадам қўйсанг, бўлиб ошиқ ўшал дийдора чин. 

Топдилар ҳақнинг ризосин аҳли диллар ишқ аро,
Икки кунлик бу жаҳонда ёр бўлиб дилдора чин.

Маҳлиё бўлма ғанимлар ишвасига, эй кўнгил,
Ким маломатлар ичинда дўст бўлиб ағёра чин.

Қудратин кўнгилда тутгил, бўл умидвор ҳар нафас,
Ул амр этди, олов айланди бир гулзора чин.

Бандаи ожиз сифотинг бирла, Маҳмуд, қўй қадам,
Чин муҳаббат бирла етгай ҳар киши ул ёра чин.
 

Бас, эй кўнглим....

Бас, эй кўнглим, фиғон этма, дилим вайрону қон бул кун,
Бу ошиқлик азобидан бўлибман нотавон бул кун.

Азал бу ишқ жафосидин фиғон чеккан фақат сенмас,
Нигоҳ қилғил баланд-пастга, неча жонлар нишон бул кун.

Вафо гар истагай ул ким, мудом жон қасдида коми,
Анинг васлига етгунча неча жонлар равон бул кун.

Ҳарорат шавқида, ҳайҳот, бу ишқнинг чокини сўкма,
Сўкилганлар, тўкилганлар, қара, не чоғ хазон бул кун.

Уриб парвонадек ошкор, ки ҳар ён сен қанот ёзма,
Майи ваҳдатни нўш этгил, тутиб шавқинг ниҳон бул кун.

Саодат топқасен андин, шафоат ҳам, ҳидоят ҳам,
Муҳаббат ҳикмати бирла сенга нури аён бул кун.

Висолин истабон, Маҳмуд, ўзига сен муножот қил,
Ки ёрнинг васлидин йўқдур лазиз коми жаҳон бул кун.


Кетди

Аё дўстлар, адашганлар ҳаётдан бенаво кетди,
Демангким, бенаво кетди, яна ул бедаво кетди.

Тирикликда риё ишга бериб кўнгил, хазон бўлди
Ки, ҳаргиз топмайин ўзни зиёнга мубтало кетди.

Тадорик кўрмайин асло, ки туҳфа қилмайин ҳаргиз,
Бу тўрт кунлик ҳаётда ул яна бемуддао кетди.

Намозу рўзаю ҳажжу закотни билмади асло,
Ибодатга кўнгил бермай, эвоҳ, юзи қаро кетди.

Ямонлар  бирла ўткарди азиз умрини ғафлатда,
Ботиб ул маъсият лойигаким, бераҳнамо кетди.

Ҳабибинг ҳурмати, Тангрим, ки Маҳшарда карам қилгил,
Ики дунёсини билмайки, мендай пуржафо кетди. 

Гуноҳинг кўп эрур, Маҳмуд, мудом қаддингни ё қилгил
Ки, ибрат бўлса деб, сенга яна бир бевафо кетди.


Сўрар ҳақдин шифосини

Аё, кўнглим шикастликда сўрар ҳақдин шифосини,
Саҳарларда туриб йиғлар, сўрар ҳақдин зиёсини.

Бу фоний олам ичра дил саодат истар, эй Аллоҳ,
Шукур айлаб, туйиб дилда қаноат ибтидосини.

Бу беш кунлик ҳаётнинг ҳикмати ишққа вафодир, рост,
Топай эмди қилиб тоат бу кўнглим интиҳосини.

Хатою ҳою таъбир-ла умр ўтди, эвоҳ, бешан,
Ҳидоят комидин имдод сўрай, айлаб вафосини.

Ғизойи руҳи жон ичра, шафоат айлагил, эй дил,
Ўзингдин ўзгаси бермас бу дардимнинг давосини.

Эвоҳ, ҳолим забун тун-кун, нажот сўргай ўзингдин, ёр,
Муборак хоки пойингдин умид айлаб сафосини.

Бу қисмат илкида, Маҳмуд, чекар фарёд, дебон ё раб,
Биҳамдиллоҳ, эшитгайсен бу қулнинг ҳам садосини.


Қадрига етгил

Қадрига етгил оёғ остидаги ул зорни,
Термулиб пойингда турган бебаҳо, бедорни.

Сен хаёл ахтарма олис қирда турган маррадан,
Бас, тавоб қил руҳинг узра порлаган дийдорни.

Ўзлигинг ўзингга ҳақдир то қиёмат, эй кўнгил,
Фарқига боргил ҳақиқат бирла ул маккорни.

Турфа ҳислар бирла кўнгул ўртагай, вақтида лек
Оҳига тутгил қулоқ кўксингдаги ул торни.

Не мақомга етди  Маъмуржону устоз Жўрахон,
Сўнгги манзил айлади, ваҳ, Марғилони борни.

Белда қувват борида юрт корини қилган азиз,
Эл таниб, олам таниб, чин дўст тутиб ҳушёрни.

Бир сабаб-ла айладинг, Маҳмуд, бу сўзни ошкор,
Ишқини асра ҳамиша дилдаги ул ёрни.


Ўр эт мани

Аҳли диллар ичра, Роббим, ҳар нафас бор эт мани,
Айлабон бемори дардинг бирла дилдор эт мани.

Сан раҳимсан, сан каримсан, сан ҳалимсан, роббана,
Эй дило, ишқинг йўлида зору бедор эт мани.

Дилға солғучи ўзингсан, йўлға солғучи ўзинг,
Ҳар нафасдан огоҳ айлаб нафсга ағёр эт мани.

Мағфират қилгил, Худоё, афв этилганлар билан,
Ким савоб йўлида ғофил қилма, ҳушёр эт мани.

Бандаман, ожиз қулингман, нотавонман, норасо,
Тахтидан кечган азиз Адҳам каби зор эт мани.

Дилда зикрингдир мудом, ҳажрингда мен тўлғонаман,
Васлинг айёми ичинда соҳиб изҳор эт мани.

Ишқ аро Маҳмудни сен васлингга восил айлабон,
Аҳдга содиқ қуллар ичра тут яқин, ёр эт мани.


Эй кўнгил

Эй кўнгил, ман-ман дема, манлик худонинг нисбати,
Шоҳ эрурким, мулки борлиқ ичра тенгсиз қудрати.

“Бўл”, – деди, дунё яралди, зумда бир ҳукми била,
Жо эрур ҳар заррада Тангри таоло талъати.

Ким Муҳаммад ҳурмати бор этди борлиқ мавжини,
Бас, Расул Акрам дегай қулдир, илоҳнинг раҳмати.

Не улуғ зотлар Яратган азмида топди самар,
Тут алар измини, эй дил, бу саодат ҳикмати.

Ўзни йўқлик ичра кўрди авлиёлар, воажаб,
Куймасин ҳеч кимни, дўстлар, охири охирати.

Тавба бирла ким кўнгилни боғлағай, Маҳмуд, абад,
Ажрини бергайдур охир бу — илоҳнинг ҳиммати.





Аён этмай

Аё, жонимни ёндирдинг, жаҳонингни аён этмай,
Ки жонимға бўлувчи жон забонингни аён этмай.

Қилиб жоду ҳушим олдинг, ёнурман дарди ишқингда,
На қилдинг бу ғарибингга, ниҳонингни аён этмай.

Жамолда тенги йўқ ҳурсан, юракда нури ғойибсан,
Жаҳонда мисли йўқ дурсан, мақомингни аён этмай.

Вафодин сўз очурсан деб, йўлинг узра ётурман, лек
Ўтурсан бенаво, бедил, маконингни аён этмай.

Севишганлар ўтар бир-бир бу олам саҳнидан, эй дил,
Назар этмас бу тош кўнглинг, камонингни аён этмай.

Висолинг истабон токай чекар, Маҳмуд, алам-зорлар,
Кетурсанми абад шу тарз, ямонингни аён этмай.

 
Билмагай

Бу ҳаётнинг неъматин дардсиз асло билмагай,
Ҳеч шукур қилмас кунига, ўтса бежо, билмагай.

Кечса дўстлардин кечар, лек кечмагай ҳеч нафсидин,
Фойда комида ҳаётин қилса расво, билмагай.

Ҳар кишининг ризқи рўзи ким ёзуғ ичра аён,
Ғафлат ичра ўзга чирмаб, зарру кимхоб, билмагай.

Маъсият бирла зиёндин умрини этгай хароб,
Ким савоб йўлини ҳаргиз билмас, илло билмагай.

Алҳазар, ё алҳазар, бундай балодин сақлагин,
Билмайин домига тушгач, қад бўлур ё, билмагай.

Оч кўзинг, Маҳмуд, бу каслар қилмишидан тавба қил,
Икки дунёсин алар этгай муаммо, билмагай.








МУХАММАСЛАР


Навоий ғазалига мухаммас

Қўзғолиб руҳда тўфонлар истади монанди ёр,
Жон талотум оламида чекди ранжи бешумор,
Захми ишқ бирла риёзат илкида топмай қарор,
Менки ҳижрон даштиға кирдим қуюндек беқарор,
Оҳу вовайлоки, ҳам саргаштамен, ҳам хоксор.

Ёндириб сўзи муҳаббат, дашти ишқ бўлди ватан,
Шум рақиблар судрагайлар, бўйнима ташлаб расан,
Урҳо-урлар ичра коми айламоқ бўлди шикан,
Сончилиб урён танамға ҳар тараф юз минг тикан,
Ҳар тиканни куйдуриб кўнглум ўтидин бир шарор.

Ҳолу аҳволим аёндур, дастини гар тутмасам,
Ишқини қалбимга жо айлаб, анга мен етмасам,
Излабон дашти жунунда ул сари мен кетмасам,
Қайдадур Мажнунки, бергай панду чун фаҳм этмасам,
Йиғлағай ҳолимға бағри оғриғондин зор-зор.

Боқмагил ҳолимға мундоғ, ким бу деб, сўрмоғ ила,
Айлагум ул ғам тоғин гард, битта оҳ чекмоғ ила,
Қолмагай тоғдин асарким, тенг бўлур туфроғ ила,
Ё қани Фарҳодким, ғам тоғини тирноғ ила
Қозғонимдин тешау тоғидин ўлғай шармисор.

Уқмайин йўлга чиқибмен ҳажр дарди ҳикматин,
Ваҳки, арзон деб билибмен ҳажр дарди қимматин,
Энди лолмен англаёлмай ҳажр дарди ҳиддатин,
Билсам эрди бу замонлиғ ҳажр дарди шиддатин,
Юз йил ўлса васл даври, қилмас эрдим ихтиёр.

Куйдирар, ҳаргиз муҳаббат даштида жон чекмангиз,
Ёр вафо этгайму деб, сиз кўйида бош эгмангиз,
Васлининг шавқида, бас, ранги сомонлиғ этмангиз,
Дўстлар, меҳру муҳаббатнинг ниҳолин экмангиз,
Ким, бўлур эрмиш анга андуҳу ҳижрон баргу бор.

Бўлди Маҳмуд ул санам дарду фиғонидин батанг,
Еру кўкка сиғмайин қолди жаҳонидин батанг,
Бевафо ёр чеккан ул тийри камонидин батанг,
Эй сабо, келмиш Навоий хаста жонидин батанг,
Элтибон ёр итларини оллида қилғил нисор.   


Навоий ғазалига мухаммас

Тийғи ҳажринг хаста бағрим тилди, жонон, оқибат,
Шул сабабдин қолмади илкимда имкон оқибат,
Ишқ ўтинг тушди-ю қалбга, бўлди вайрон оқибат,
Ваҳки, лаълинг қилди бағрим таҳ-батаҳ қон оқибат,
Қатра-қатра кўздин ул қон бўлди ғалтон оқибат.

Лаб очурға қўймадинг, ваҳ, доғи арзон чекма деб,
Боқмадинг ҳолимға зинҳор, бесамар жон чекма деб,
Айлабон ўзни фидо сен, сўнг пушаймон чекма деб,
Бордингу оғзимға қўйдунг муҳр, афғон чекма деб,
Бу ишингнинг маҳри бўлди доғи ҳижрон оқибат.

Шашқатор оқди кўзимдин ёшларим, э воҳким,
Бўлди бу кулфат манга, баски, балолиғ чоҳким,
Дард аро бўлмас манингдек нотавон гумроҳким,
Фурқатинг тиғи бузуғ кўнглумни йиқти, оҳким,
Сели офат бирла емрулди бу вайрон оқибат.

Руҳим осмонин ёрутди ёди васлинг кундек,
Дил тошиб оқди кўйингда сен томон Жайҳундек,
Излабон дашту биёбонда бу кун Мажнундек,
Кўнглима қошинг хаёли бўлди танвин нунидек,
Ўйла нунға нукта бўлди доғи пинҳон оқибат.


Сўнган эрдим сўнгги дам, васлинг хаёли берди жон,
Зикри исминг ичраким аслинг хаёли берди жон,
Ишқ аро дийдорлашув фаслинг хаёли берди жон,
Ўлмиш эрдим ғам туни, лаълинг хаёли берди жон,
Зулмат ичра бўлди пайдо оби ҳайвон оқибат.

Чин эрур ошиққа фасли ишқ аро чеккан сабот,
Бас, азиздурким, муножот бирла оҳ урган баёт,
Мубталолар шавқига ким, аслида шулдир қанот,
Соқиё, жом айла доирким, ғаниматдур ҳаёт,
Тутқусидур чун ажал кoсини даврон оқибат.

Жон қуши ёр васлига етмоққа зору зор эди,
Бу риёзат ичра мақсадга кўнгил саркор эди,
Ишқида, Маҳмуд, азалдин ул садолар бор эди,
Эй Навоий, ёр васли гарчи бас душвор эди,
Фони ўлғоч бўйла душвор бўлди осон оқибат.
 



Машраб ғазалига мухаммас

Кўрай деб мен жамолинг алмисоқдин бир садо келдим,
Этай деб азми ҳақ амринг ки, ишқда муддао келдим,
Битилган лавҳи қисматни қилай мен деб бажо келдим,
Сенинг васлинг тилаб дунёга бир соҳиб адо келдим,
Ғамингни дилга жо айлаб, аламга ошно келдим.

Қилиб жо саҳфи кўнгулга, ки ул Мажнуни зор пандин,
Қули этгаймикин ул деб манингдек мубтало бандин,
Ки ҳасрат даштида бу дам руҳу жон ўзгадир тандин, 
Агарчи кўнгул олдирдим, кўнгулни узмадим андин,
Сабаб булдур: некулар дийдасига тўтиё келдим.

Нетайким, бехабарликдин кўнгил осмонида ялдо,
Санинг зулминг тиғидин тан уза гулгун яро пайдо,
Маломат ичра қолди дил, билолмам, не бўлур фардо,
Ғаминг бошимга тушди, бир ажойиб шўриши савдо,
Азал кундин нетай, найлайки мен бахти қаро келдим.

Ўзингсан руҳу жонимга шафоат этгучи ҳоқон,
Муҳаббат кўки узра дил ёритгувчи маҳи тобон,
Адою дарбадарликдин юрак-бағрим бу кун сўзон,
Ки сенсиз икки дунёда тирикликни нетай, жонон,
Карамлик подшоҳимсан, йўлингга бир гадо келдим.

Кетурман остонингга дилимда ишқи ҳақ матлаб,
Солур бошимга ваҳмини бало ичра қаро ул шаб,
Ҳидоят нурини сочқил, Илоҳо, деб очурман лаб,
Оқиз раҳматни дарёсин ғариблик устига, ё Раб,
Агарчи йўлинга сар то қадам ғарқи гуноҳ келдим.

Тутиб ишқ ўтини кафтда мудом тоб-тоб эди жоним,
Муҳаббат чашмаси узра мудом гирдоб эди жоним,
Бериб кўнгилни ваҳдатга мудом печтоб эди жоним,
Кириб дарёи раҳматга мудом ғарқоб эди жоним,
Ҳақиқат баҳрига қолган дури қийматбаҳо келдим.

Узиб нафсим жиловини, анинг ҳолин хазон қилдим,
Ки ишқ шавқи билан руҳим маконда ломакон қилдим,
Кечиб тан истилосидин, жасадни нотавон қилдим,
Қаноат шаҳрига кирдим, тамошои жаҳон қилдим,
Вужудимни уриб барҳам, бу оламдин фано келдим.




Ки ҳар ишга қўлим урдим, хаёли охират қилдим,
Тутиб илкин улуғларнинг жамоли охират қилдим,
Висоли ёр илинжида камоли охират қилдим,
Рафиқ ҳар ким билан бўлдим, саволи охират қилдим,
Баҳарнавъида бўлсам уммати ул Мустафо келдим.

Қулингни ғарқи зор этма, нигоҳинг бирла шахдам қил,
Ки дард авворасидурмен шифойинг бирла малҳам қил,
Карамдин бенасиб этма, мени Маҳмуд, мукаррам қил,
Илоҳо, Машрабингни яхши инсонларга ҳамдам қил,
Гадолик ихтиёр этдим, йўлингда подшо келдим.


 
Машраб ғазалига мухаммас

Мен кўнгил дунёга бердим, воҳки, қонмасман ҳануз,
Тавбага жонини тутган жонга жонмасман ҳануз,
Аҳли дил тонди бу йўлдин, менки тонмасман ҳануз,
Барчалар ёнди гуноҳдин, менки ёнмасман ҳануз,
Хоби ғафлатдин уёнди, мен уёнмасман ҳануз.

Чин тазарру бирла Ҳақ авфин сўрарлар зор-зор,
Кўксини чок-чок этибон, оҳ урарлар зор-зор,
Йўлларин ҳар бир савоб ишга бурарлар зор-зор,
Тавбаи тавфиқ билан йиғлаб турарлар зор-зор,
Охират аъмолин айтиб мен қутилмасман ҳануз.

Истаган дилларга ажри малҳамиким мўл турур,
Хавф ражо ичинда қалбга икки йўл: ўнг, сўл турур,
Авфини истар кишига фазлидин чин йўл турур,
Бандаларким лутфинга ҳар дам суяниб ўлтурур,
Бедаво нафсимни излаб мен суянмасман ҳануз.

Маъсият илгинда каслар турфа ҳолда қолдилар,
Баъзиларким бу синоат ичра йўлда толдилар,
Амри Ҳақ ҳукмини дўстларким қулоққа солдилар,
Орифу содиқ ҳама панду насиҳат олдилар,
Барча пандинг олдилар, пандингни олмасман ҳануз.

Ўзни ҳар иш ичра танҳо билма, шайтон феълидур,
Бу жаҳолат ичра бағринг тилма, шайтон феълидур,
Бўйнинга турфа гуноҳлар илма, шайтон феълидур,
Бандалик қилсанг такаббур қилма, шайтон феълидур,
Мен такаббурдин замоне холий эрмасман ҳануз.

Нечалар амрига юрмай учрадилар қаҳрига,
Маъсият илгинда солди ўзни ширкнинг наҳрига,
Ўғди турфа хил балолар бу шақоват қавмига,
Бандалик қилмай Азозил бўлди саркаш амрига,
Рондаи даргоҳ бўлди, менки ёнмасман ҳануз.

Етмади ҳеч бу йўлдин ул саодат шаҳрига,
Ҳеч вафо қилган эмас дунё қаноат аҳлига,
Учради бу йўлда кимки икки дунё заҳрига,
Дунёни кўп йиғди Қорун кетди ул ер қаърига,
Дунёдин бир дам замон кўнгул узолмасман ҳануз.

Гар кўнгул уқботалаб, кечгил сафойи ҳирсдин,
Берма зеб дунёга, бас, кечгил қазойи ҳирсдин,
Ўзни Маҳмуд бирла тут, кечгил балойи ҳирсдин,
Банда бўлсанг, Машраб, кечгил ҳавойи ҳирсдин,
Кечди барча ҳирсдин, ҳаргиз кечолмасман ҳануз.

Ҳувайдо ғазалига мухаммас

Сунма бўй ҳаввойи ҳисга макру майдонин кўруб,
Очма лаб қасдингда турган лаъли хандонин кўруб,
Этма жаҳд ул калхамаждек мулки давронин кўруб,
Берма дил дунёи дунга боғу бўстонин кўруб,
Ибрат олгил барчани жойи гўристонин кўруб.

Ишқи йўқ каслар ўтар саҳни ҳаётдан мурдавор,
Комига тортгай аларни молу дунё – аждаҳор,
Икки дунё топмагайлар бу кабилар эътибор,
Ҳеч кишига қилғони йўқтур вафо бу рўзгор,
Дину дил барбод берма коҳу айвонин кўруб.

Топганингни бирма-бир ушлаб кеторсан оқибат,
Мулки йўқликка дилинг ғашлаб кеторсан оқибат,
Топмадим деб, кўзларинг ёшлаб кеторсан оқибат,
Жумласин ҳасрат била ташлаб кеторсан оқибат,
Кўп суюнма дунёни моли фаровонин кўруб.

Моли дунёни маним деб, хушлаб ўтди неча ит,
Макрига бўйнини боғлаб, хешлаб ўтди неча ит,
Бир суякни қизғониб ғингғишлаб ўтди неча ит,
Дунё монанди ўлимса, тишлаб ўтди неча ит,
Тишлою сен ҳам ўтарсан, эмди қолғонин кўруб.

Туну кун ўтди талошиб, бир-бирини нишлашиб,
Гоҳ қопиб бир-бирларин, гоҳида олкишлашиб,
Ҳар мақомга думларин ликиллатиб ирғишлашиб,
Бу ўлимсани тошиб, бир-бирини тишлашиб,
Ўтдилар кўрмай вафосин, коҳиши жонин кўруб.

Кўз сузиб қошини қоққай қанчаларга бу палид,
Ким баҳосини безатган ақчаларга бу палид,
Ҳам фусун берган риёдан кечаларга бу палид,
Ман санинг деб, ваъда берган нечаларга бу палид,
Йўқ вафоси, билдилар, кулл аҳди ёлғонин кўруб.

Зикри ҳақ бирла нафас ол, кечами ё эрталаб,
Қудратин ёд этки доим, руҳу қалбинг очса лаб,
Васлига, Маҳмуд ҳамиша, интил ишқ ўтин қалаб,
Толиби дунё, Ҳувайдо, бўлмағил, бўл ҳақ талаб,
Юм кўзингни дунёдин тонгла пушаймонин кўруб.


     


Ҳувайдо ғазалига мухаммас

Ики дунёга юз тутмоқ ризойи кори ҳоқондур,
Биза бу шавқи ҳикматлар ўзидин кори имкондур,
Бир эрмас қанча жон бўлса, йўлида кори қурбондур,
Худонинг йўлига кирмак, деманглар, кори осондур,
Азиз жондин кечиб бош ўйнамоқлик кори мардондур.

Равон эрмас бу йўллар, бил, қадамда чоҳу жарлар бор,
Атайлаб раҳна солгувчи Худодин бехабарлар бор,
Асир айлаб қамаштирган кўзинг сохта гуҳарлар бор,
Ажаб поёни йўқ йўлдир, арода кўп хатарлар бор,
Анинг учун ҳама солик бу йўл устида қолғондур.

Ўтиб бўлмаски, андин йўл тўсар арқоғини кесмай,
Сақарга жонни солғувчи шарорат доғини кесмай,
Дилингни чирмаган тўрдек нафснинг боғини кесмай,
Фақирлик метинин чекмай, такаббур тоғини кесмай,
Вужуд саҳросидин ўтмай қачон йўлинг намоёндур?

Танангга бир назар ташла, ажаб нафси юҳолар бор,
Кўнгил мулкин қаро қилган неча журму риёлар бор,
Тиларсен андин ўтмакни, туман турфа балолар бор,
Ўшал саҳро аро юз минг даранда, аждаҳолар бор,
Аларни қатл қилмай, демағил ўтмаклик осондур.

Бу йўлдин ўтмагинг-чун сен дилингга ишқи тоҳир ол,
Худонинг зикрини қўйма, қадамда дурри соҳир ол,
Ики дунёнгга асқотгай савобу ажри охир ол,
Бу йўл турфа қаронғудур, чароғи илми зоҳир ол,
Асокашсиз қадам қўйма, тойор ерлар фаровондур.

Риёзат аҳлига ҳар дам яқин ҳамдардлар ўтган,
Ки ҳимматда буюк тоғ, лек назарда гардлар ўтган,
Сахони ўзга фазл этган мушаддат фардлар ўтган,
Вужудин ақбасидин олиҳиммат мардлар ўтган,
Ки беҳиммат кишилар бу довон остида қолғондур.

Синалгай ишқ эли бунда, будур маъвойи ошиқлик,
Кериб кўксингни дам урма, қилиб мавлойи ошиқлик,
Неча сендек ётур, Маҳмуд, этиб савдойи ошиқлик,
Ҳувайдо, ўз дилингча қилмагил даъвойи ошиқлик,
Ҳануз ужбу риё остидасан бу даъво ёлғондур. 





Ҳазиний ғазалига мухаммас

Муҳаббат бобида ҳар дам садоқат айласанглар-чи!
Вафолиқ расмида содиқ мақомот айласанглар-чи!
Риёзат бирла шавқига қаноат айласанглар-чи!
Қиёмат ваҳмидин ҳаққа ибодат айласанглар-чи!
Бу қилғон журму исёнга надомат айласанглар-чи!

Озиб йўлларда ножинслар билан, ваҳ-ваҳ, ҳузур этдинг,
Шум осийлар қаторинда ўзингни сен зуҳур этдинг,
Залолат илкида шаҳдинг ила жонға футур этдинг,
Кириб нафсинг йўлиға ончунон фисқу фужур этдинг,
Бу йўлдин қайтибон, тарки шарорат айласанглар-чи!

Гуноҳкор бандамиз, ҳайҳайламоқлик санга на ҳожат?
Нажотсиз даҳри дунни сийламоқлик санга на ҳожат?
Ўзингни ул сақарга шайламоқлик санга на ҳожат?
Риё бирла ибодат айламоқлик санга на ҳожат?
Худонинг йўлида холис ибодат айласанглар-чи!

Қаноат бирла борингни халойиққа этиб ҳиммат,
Таваккал айлабон тун-кун, ўзингдан излабон ҳикмат,
Саодат йўлида қанча қилолсанг, оз эрур хизмат,
Агар қодир эрурсан Маккатуллога қилиб ҳижрат,
Қатори ҳожилар бориб, зиёрат айласанглар-чи!

Юрак ҳар дам уриб иймон каломида бутун, дўстлар,
Кўнгилда қолмайин зарра гумон, шубҳа, тугун, дўстлар,
Ҳидоят айлабон мўъмин-мусулмонга бу кун, дўстлар,
Тутиб амри Худони, икки кунлик умр учун, дўстлар,
Кириб маҳшар куни жаннатда роҳат айласанглар-чи!

Ўгирдинг аҳли дилдан юз, ёмонга интилиб зойиъ,   
Фирибгар нафс саробига дилингни сен тилиб зойиъ
Бу ҳолингни гаҳе билмай, гаҳе қилдинг билиб зойиъ,
Югурдинг дарбадарлик бирла умрингни қилиб зойиъ,
Аё, эй яхшилар, тарки жаҳолат айласанглар-чи!

Амонат ҳар нафас, Маҳмуд, қилиб зикрини сен одат,
Муножот айлагил ҳаққа, дилингда Қуръоний оят,
Ки туҳфа айлабон ёрга ғанимат ушбу дам – соат,
Ҳазиний, бу йигитлик вақти ўтмасдан қилиб тоат,
Қарилиғ вақти етмасдан ибодат айласанглар-чи!





Ҳазиний ғазалига мухаммас

Қолса зулматда киши, билгил, зиёни охтарур,
Ул зиё ичра нурафшон муддаони охтарур,
Муддаолар илкида ул Муттакони охтарур,
Ҳар киши уқботалаб бўлса дуони охтарур,
Гўшаи хилват этиб, зикри Худони охтарур.

Нафс йўлида ўтғучи ҳирсу ҳаросатдан кечиб,
Таънайи мулки ҳарорат ҳам мақоматдан кечиб,
Тўзғучи шавқу шақоват ҳам маҳобатдан кечиб,
Ҳақ йўлида жумлаи роҳат, фароғатдан кечиб,
Доимо онлар, кўринг, жабру жафони охтарур,

Зоҳир эрмас, ботининда аҳдини пайдо қилиб,
Хоки полар пойига ул аслини ҳамро қилиб,
Ки анинг шавқида, ваҳ-ваҳ, тархини тақво қилиб,
Йиғлабон, кўз ёшларин монандайи дарё қилиб,
Ҳасрат ила оҳ уриб, андин ризони охтарур,

Очса билгай ҳар киши гавҳарфишон ул қат-қатин,
Не кўнгиллар ташналаб ўтгай, билолмай талъатин,
Қалбига жо этса гар ким ишқ аро битган хатин,
Нўш этар ушбу жаҳонда ким, муҳаббат шарбатин,
Халқ аро хомуш бўлиб, аҳли фанони охтарур.

Икки дунё пардасиздур мубталолар ашкида,
Ажрини топгай мақомот бўлса шиддат шаштида,
Олғай аъмолинким, ул кун бўлса анбар гаштида,
Йиғлашибон гар ўтишса, ул қиёмат даштида,
Чун “шафиъал-музнибин” ул Мустафони охтарур.

Сарҳисоб этгуси ул дам неча куну кечалар,
Ҳақ киши қалбида қўрқув ҳам умид куйин чалар,
Юз тубан кетгуси ул кун нола айлаб қанчалар,
Ташналаб ҳар ён югурар, ҳашр аро бир нечалар,
Соқийи кавсар, ёронлар, Муртазони охтарур.

Ибтидо-ю, интиҳо комида, Маҳмуд, дод этиб,
Нотавонлик ичра Биру борни ҳар дам ёд этиб,
Бовафо деб, қулни ҳам чорларми деб, имдод этиб,
Кечаю кундуз, Ҳазиний, оҳ ила фарёд этиб,
Икки олам ул Али соҳибсахони охтарур.




МУСАДДАС

Бебаҳо кетди

Фиғонким, дўстларим, бул кун чароғи пурзиё кетди,
Ки фоний бу жаҳондин, ваҳ, лазиз ул тўтиё кетди,
Муқаддас руҳи поклардин яна бир қадди ё кетди,
Яратган ишқида ёнган каломи пурғизо кетди,
Бу тўрт кунлик жаҳондин, ваҳ, Умаржон  бебаҳо кетди,
Фиғонким, дўстларим, бул кун чароғи пурзиё кетди.

Ки орифлар ичинда бир дури тоҳири эрди ул,
Ҳама дилларга йўл топқон ки, қалб моҳири эрди ул,
Саодатли имону эътиқод зоҳири эрди ул
Ҳам эзгу қалбли истаклар кўнгил соҳири эрди ул
Бу тўрт кунлик жаҳондин, ваҳ, Умаржон бебаҳо кетди,
Фиғонким, дўстларим, бул кун чароғи пурзиё кетди.

Деюр эрди сафо бирлан ки Аллоҳнинг каломини,
Ҳам олийда тутар эрди Расулуллоҳ мақомини,
Навоийдин ўқир эрди топиб ҳикмат қиёмини,
Этарди ёд Охундада баёзи зуҳди комини,
Бу тўрт кунлик жаҳондин, ваҳ, Умаржон бебаҳо кетди,
Фиғонким, дўстларим, бул кун чароғи пурзиё кетди.

Ки ожиз бандамиз барча, бу йўлда аслида хасмиз,
Ва ҳақнинг қудрати бирла ки турфа хилдаги касмиз,
Бу ўткинчи макон ичра гаҳе юксак, гаҳе пастмиз,
Ва лек охир нафас келса, иложсиз бандамиз, басмиз...
Бу тўрт кунлик жаҳондин, ваҳ, Умаржон бебаҳо кетди,
Фиғонким, дўстларим, бул кун чароғи пурзиё кетди.

Риёзат бирла ўткарди умрнинг ҳар бир онини,
Ки яхшига берар эрди керак бўлғонда жонини,
Улуғлаб ўтди ҳар лаҳза Худо берган замонини,
Бақудрат ул бажо этди ки ҳақнинг имтиҳонини,
Бу тўрт кунлик жаҳондин, ваҳ, Умаржон бебаҳо кетди,
Фиғонким, дўстларим, бул кун чароғи пурзиё кетди.

Бу ғамдин оҳ чекиб, ҳайҳот, булут босди самони ҳам,
Мисоли раҳмати Аллоҳ тўкиб ашкин саҳоб бул дам,
Ки душанба улуғ кунлар мақомида бўлиб маҳкам,
Биҳамдуллоҳ, қулин бағрига олди ул кўзида нам,
Бу тўрт кунлик жаҳондин, ваҳ, Умаржон бебаҳо кетди,
Фиғонким, дўстларим, бул кун чароғи пурзиё кетди.

Бас, эй кўнгил, алам чекма, кетармиз барчамиз бир кун,
Кетишди не улуғ зотлар, бўлолмай дуняга устун,
Назар сол, борми қалбингда улуғлик зарраси — учқун,
Азиз бўлгай борар ерда амаллар бўлса бус-бутун,
Бу тўрт кунлик жаҳондин, ваҳ, Умаржон бебаҳо кетди,
Фиғонким, дўстларим, бул кун чароғи пурзиё кетди.

Гуноҳкор бандамиз, ё раб, ки раҳматга сазовор эт,
Жаноби сарвари олам ки Аҳмадга сазовор эт,
Умидвор қулларингни сен ки жаннатга сазовор эт,
Висолингдин насиб айла, ки талъатга сазовор эт,
Бу тўрт кунлик жаҳондин, ваҳ, Умаржон бебаҳо кетди,
Фиғонким, дўстларим, бул кун чароғи пурзиё кетди.

Муножот бирла оҳ урдим боқиб қибла сари бул дам,
Кўнгилдин ўтди кўп ҳикмат илоҳий руҳ вужудда жам,
Муқаддас руҳингиз, устод, ки қалбларда азиз ҳамдам,
Сўрар Маҳмуд бу дам ҳақдинки, маҳшар кунида малҳам,
Бу тўрт кунлик жаҳондин, ваҳ, Умаржон бебаҳо кетди,
Фиғонким, дўстларим, бул кун чароғи пурзиё кетди.





 
ҚАСИДА

Рамазон

Хуш келибсиз қалбимизга, нур бўлиб, меҳмон бўлиб,
Биз гуноҳкор бандаларга раҳмату иймон бўлиб.

Беадад қуллуқ билан бошим эгилгай ер қадар,
Бўй бериб бул кун дилимга жаннати райҳон бўлиб.

Ташрифингизга тасаддуқ, жонимиз бўлсин фидо,
Ким назар этмоқ учун келгаймусиз дармон бўлиб.

Нотавонлик дастида дил, маъсиятдин юз қаро,
Мен умид ҳақдин қилурмен сиз бу кун имкон бўлиб.

Ушбу айёмким саодат ҳам ҳидоят чашмаси,
Бўлди нозил ҳақ каломи мўътабар “Қуръон” бўлиб.

Мағфират этгай, Илоҳдин сўрса гар тавба ила
Ки, бу айём ҳурматидин мушкули осон бўлиб.

Ул малоиклар фақат яхши амалларни ёзур,
Дил шукуҳ-ла юксалур ҳар гўшаси бўстон бўлиб.

Жин-шайотин ушбу ойда хору занжирбанд ётур,
Очилур жаннат эшиги, Тангридин фармон бўлиб.

Нени сўрса Тангри бергай, тавбасин этгай қабул,
Айтса истиғфор, келурким мағфират уммон бўлиб.

Ҳар амал ўзи учундир, Рўзаси мен-чун дея,
Марҳамат этди Худойим, бандага султон бўлиб.

Тутса ҳар ким бериё гар, ажрини бергай ўзи,
Ким аён ўзига, шаксиз, жонлар ичра жон бўлиб.

Оҳ, Илоҳнинг раҳмату мағфирати бирла бу ой
Қалбга хушуъ бахш этар шоҳистаи хуш он бўлиб.

Топти зийнат  хуш бу айём ул закоту фитр ила,
Ул саховатпешалар муҳтожга чин комрон бўлиб.

Ҳар ибодат ажри бешак жаннати ризвон эрур,
Рўзадор қилган амаллар ёзилур маржон бўлиб.

Ўтса шоён зикри Аллоҳ бирла Қадр кечаси,
Раҳмати, мағфирати ҳар кимга бепоён бўлиб.

Ушбу ойда хатм этиб Аллоҳ каломин Мустафо,
Уммати осийга жаннат истаган боғбон бўлиб.

Нафси амморага қасддур рўзадин мақсад азал,
Ушбу аҳддин ул лаин ожизланур нолон бўлиб.

Ул жаҳаннам ўтига ташланди нафс ким беомон,
Бас, тазарру этти Роббимга, охир бирён бўлиб.

Нафс балосидин, Худоё, асрагил ҳар он ўзинг,
Гар насиб этса не бахт, фазлу карам бурҳон бўлиб.

Ҳамд-санолар санга бўлсин, Қодир эй парвардигор,
Рўзадорларга яқинсан хуршиди тобон бўлиб.

Сабру бардош бирла кимки нафсидин тийди ўзин,
Ўз жамолингга мушарраф этгасен, мезбон бўлиб.

Рўзани тутгай кўнгил хавфу ражо саҳросида,
Чун ҳисобда ҳар амал ҳеч қолмагай сарсон бўлиб.

Бу дурудлар ҳам саловат Сизгадир, эй Мустафо,
Умматингиз қадри ортар рўзада осмон бўлиб.

Хуш бу айём сўнгида фарёд чекиб арзу само
Ҳам тўкар кўз ёш малоиклар хуну гирён бўлиб.

Айрилиқ уммат учун ким чўнг мусибатдир, дея
Тоғу боғлар йиғлагайлар ёшлари афшон бўлиб.

Чун бу ойда ким саодат ичра қалб топгай камол,
Сақлагай ҳифзу ҳимоятда ўзи мардон бўлиб.

Чун бу ойда мустажоб эркан дуолар ҳам бекам,
Айламак хайру сахо мақбул нури эҳсон бўлиб.

Тоғу тошлар йиғлаганда, биз нечун ёш тўкмайик,
Кетса биздан ушбу айём, оҳ, ширин бир он бўлиб.

Бу улуғ ҳикматни, Маҳмуд, англагил дилдан букун,
Рўза ичра қолмасин ожиз дилинг нодон бўлиб.

Рўза тутгил, ҳақ ҳидоят этгай ҳар он, ҳар замон,
Бу улуғ кунлар савоби қолмасин армон бўлиб.

Туну кун истаб шафоат ўзига шукрона айт
Ки, ажабмас, келса фазли сенга дастурхон бўлиб.

Хуш келибсиз, қалбимизга нур бўлиб, меҳмон бўлиб,
Биз гуноҳкор бандаларга раҳмату иймон бўлиб.
РУБОИЙЛАР

Муҳтожман, эй дилбар, мен сенга абад,
Ёдимда ўзингсану ўзингсан, албат.
Кўнглимнинг истаги ҳамиша сенсан,
Сендурсан қалбимда бетакрор ҳайрат.

* * *
Мен қандай кимсага ишондим, ҳайҳот,
Манқуртдай ўзлигин эта олмас ёд.
Мен-ку чидаёлмай ютдим дардимни,
Руҳлар тинмай ҳануз чекарлар фарёд.

* * *
Мен ишқнинг қудратин ҳис этдим такрор,
Тунлар қирқ тилкалар у қилни бедор.
Қолгандим саҳрода умидсиз ёлғиз,
Бир ҳамроҳ йўллади – навобахш, дилдор.

* * *
Бизлар кеча ёш эдик, бугун зотлармиз,
Маъсум ҳайратларга тамом ётлармиз.
Кўнгилни ҳазинлик чулғаб келмоқда,
Тақдирнинг ҳукмидан бесас додлармиз.

* * *
Иблисдур одамзод шаклинда ул кас,
Минг бир хил сувратда намоён сармаст.
Иймони сустларни айлади хароб,
Тинмайди ҳозир ҳам бу йўлда бирпас.

* * *
Бўлсанг ҳам ҳар қанча ширинсўз, дилкаш,
Топтаркан баъзилар дилинг айлаб ғаш.
Дунёнинг қисмати азалдан шулдир,
Қалбингни боғлагил ўзига яккаш.

* * *
Ағёр, ҳар дам ўзинг баландроқ тутгил,
Мендан фитна эмас, адолат кутгил.
Қилмасмен сенга мен ёмонлик асло,
Аллоҳ бор, бил, ҳакам, унутма буткул.

* * *
Олтмиш йил мақсадга ҳозирлик кўрдим,
Ҳар битта қадамда экканим ўрдим.
Тинмасман ҳозир ҳам манзил йўлида,
Ҳақ йўлга бурмоқни ўзидан сўрдим.

Qayd etilgan