Sarvqomat dilbarim (qissa). Chingiz Aytmatov  ( 33283 marta o'qilgan) Chop etish

1 B


AbdulAziz  24 Mart 2010, 10:25:28

Sarvqomat dilbarim (qissa). Chingiz Aytmatov



Muallif: Chingiz Aytmatov
Hajmi: 564 Kb
Fayl tipi: pdf, zip
Saqlab olish
Online o'qish

Qayd etilgan


Ansora  25 Mart 2010, 23:58:20

Чингиз АЙТМАТОВ

САРВҚОМАТ ДИЛБАРИМ


Қисса


МУҚАДДИМА ЎРНИДА

Касбим журналист бўлганлиги сабабли Тянь-Шанда тез-тез бўлиб туришга тўғри келарди. Бундан бир ярим йил муқаддам, баҳор кунларидан бирида мени шошилинч суратда редакцияга чақириб қолишди. Бу вақт мен Тянь-Шань областининг маркази Норинда эдим. Автостанцияга етиб келсам, бундан бир неча минут илгари автобус жўнаб кетган экан. Навбатдаги машинани яна беш соатлар чамаси кутиш керак эди. Хуллас, бирорта йўловчи машинада кетишга уриниб кўришдан бошқа илож қолмаган эди. Шу мақсадда шаҳар чеккасидаги тош йўлга қараб югурдим.
Муюлишдаги бензин колонкаси олдида бир юк машинаси турарди. Шофёр машинага эндигина бензин қуйиб бўлган экан. Севиниб кетдим. Кабина ойнасига халқаро қатнов белгиси «511» — «Совет Иттифоқи», деб ёзиб қўйилган эди. Демак, машина Хитойдан Рибачедаги чет эллар билан алоқа қиладиган транспорт автобазасига келаётган экан. У ердан истаган вақтда Фрунзега кетиш мумкин эди.
— Сиз ҳозир жўнайсизми? Мени ҳам Рибачегача олиб кетсангиз! — деб илтимос қилдим шофёрдан.
У ўгирилиб, елкаси оша менга қараб қўйди-да, қаддини ростлаб, хотиржамгина:
— Йўқ, оға, иложим йўқ, — деди.
— Ўтиниб сўрайман, мени зарур иш билан Фрунзега чақиртиришибди.
Шофёр менга яна хўмрайиб қаради.
— Тушуняпман, аммо хафа бўлманг, оға. Ҳеч кимни олмайман.
Мен ҳайрон бўлиб қолдим. Кабинаси-ку бўш, бир кишини олиб кетса нима қиларкин. Шошилиб турганимни, нафасим бўғзимга тиқилиб кетаётганини кўриб турган бўлса.
— Мен журналистман. Жуда шошиляпман. Истаганингизча ҳақини тўлашим мумкин...
— Гап пулда эмас, оға! — деб сўзимни шартта бўлди шофёр. Сўнгра жаҳл билан баллонни тепиб кўрди. — Бошқа сафар бепул ҳам олиб кетаман. Аммо ҳозир сира иложим йўқ. Мендан ранжиманг. Ҳадемай бошқа машиналаримиз ҳам келиб қолади, хоҳлаганингизга тушиб кетишингиз мумкин, лекин мен олиб кета олмайман...
Йўлда кабинага бировни олса керак, деб ўйладим ва:
— Кузовда-чи? — деб сўрадим.
— Барибир... Кечирасиз мени, оғажон.
Шофёр соатига бир қаради-ю, жўнашга шошилди.
Жуда бошим қотиб, елкамни қисиб қўйдим-да, боядан бери будка дарчасидан бизни жимгина кузатиб турган бензинчи кекса рус аёлига ҳайрон бўлиб қарадим. У гўё: «Тегманг, уни ўз ҳолига қўйинг», — деяётгандек бош чайқарди. Қизиқ.
Шофёр кабинага ўтирди ва оғзига тутатилмаган папиросни қистириб, моторни юргизиб юборди.
У ҳали ёш, ўттизлар чамасидаги, бир оз букчайган, аммо баланд бўйли йигит эди. Унинг рул чамбарагини ушлаб олган салмокдор чайир қўллари, ғамгин, ўйчан кўзлари ва чарчаб-ҳориганидан салқиб кетган қовокkари хотирамда сақланиб қолди. Йўлга тушишдан олдин у юзини кафти билан силади ва чуқур хўрсиниб қўйди, тоғ оралаб кетадиган йўлга ташвишланиб назар ташлади. Машина елдек учиб кетди.
Тянь-Шань шофёрлари кўринишдан баджаҳл бўлсалар ҳам, жой бўлса йўловчиларнинг илтимосини ҳеч қачон рад этмас эдилар. Бу гал эса қандайдир тушуниб бўлмайдиган қайсар бир шофёрга учраб қолдим.
Бензинчи аёл будкадан чиқди. Афтидан, у мени юпатмоқчи бўлди шекилли:
— Хафа бўлманг, ҳозир сиз ҳам кетасиз, — деди.
— Шошиб турмаганимда майли эди-я!.. — деб тўнғилладим аламимга чидай олмай.
— Модомики шундай экан...
— Нима эди?
— Йўқ, шунчаки айтдим-да! — деб аёл кимгадир ачингандек қўл силтади ва шлангни колонка олдига йиғиштириб қўяр экан, хўрсиниб қўйди: — Бу воқеанинг тарихи узоқ...
Мен жим турардим.
— Йигит бечоранинг бошига ташвиш тушган. Бир вақтлар у биз билан шу ерда, довондаги базада ишларди.
Бензинчи аёлнинг гапини охиригача тинглаш менга насиб бўлмади. Йўловчи «Победа» келиб қолди, биз йўлга тушдик.
Юк машинасига ҳадеганда етиб ололмадик, фақат Дўлан довони этакларидагина етиб олдик. У ҳатто кўпни кўрган Тянь-Шань шофёрларига ҳам рухсат этилмайдиган ғоят тезлик билан учиб борарди. Машина бурилишларда ҳам тезлигини камайтирмай, қоялар остидан ғувиллаб ўтиб борар, шиддат билан баландликларга учиб чиқар ва бирдан худди ағдарилиб кетгандек пастга томон шўнғир, яна бир зумда устига ёпилган брезентнинг чеккалари шалоп-шалоплаб бортга урилиб, ҳирпираганча олдинда пайдо бўлар эди.
Барибир «Победа» «Победа»лигини қилди. Биз юк машинасини қувиб ўта бошладик. Мен ўгирилиб қарадим: бу одам мунча умидсизликка тушган, қаёққа бунчалик елиб кетяпти? Шу пайт ёмғир аралаш дўл шаррос қуйиб берди. Бизда, довонда бундай ёғингарчилик тез-тез бўлиб турарди. Қиялаб, чапарастасига ураётган дўл аралаш ёмғир томчилари орасидан ранглари оппоқ оқариб кетган, папирос тишлаб олган жиддий тусдаги қиёфа кабина ойнаси орқасидан лип этиб кўриниб ўтди. Унинг қўллари рул чамбарагида тез-тез ҳаракат қиларди. Кабинада ҳам, кузовда ҳам ҳеч ким йўқ эди.
Мана шу тасодифий учрашувдан сўнг орадан кўп ўтмай мени Қирғизистоннинг жанубига, ўш областига командировкага юборишди. Одатдагича биз журналистларнинг вақтимиз ҳамма вақт зиқ бўлади. Оқшом поезд жўнаши олдидан вокзалга чопганча етиб келдим ва вагонга сакраб чиқиб, ўз купемга кирдим, ҳадеганда деразадан ташқарига қараб ўтирган пассажирга эътибор ҳам бермабман. Назаримда, бу купега иккаламиздан бошқа ҳеч ким чиқмайдиганга ўхшарди. Ҳамроҳим менга қайрилиб қарамади ҳам. У бошини ойнага қадаганча ё шунчаки ташқарига тикилиб ўтирарди, ёки бўлмаса алланималар ҳақида ўйларди.
Поезд тезлигини ошира борди. Радиодан музика овози янгради: таниш куй ижро этилаётган эди. Бу қирғиз классик куйи менга доим ғира-шира оқшом пайти даштда кетиб бораётган ёлғиз отлиқнинг ашуласини эслатарди. Йўл узоқ, бепоён дашт. Эгарда ўтириб хаёл суриб, биронта ашулани аста хиргойи қилинса ҳам бўлади. Хиргойи қилганда ҳам қалбдан чиқариб куйласанг. Ахир от туёқларининг тапир-тупур садолари остида ёлғиз ўзи хиргойи қилиб бораётган йўловчининг қалбида турли хил ўй-хаёллар озмунча бўлади дейсизми?.. Ариқдаги сув майда ялтироқ тошлар устидан шилдираб оқаётгандек, қўбиз торларидан оромбахш майин куй аста-секин тараларди. Қўбиз адирлар орқасига ёнбошлаётган қуёш ҳақида, ҳар ёққа салқинлик таратаётган майин шабада ҳақида, йўл ёқалаб кетган кўм-кўк ёвшан ва сап-сариқ чаловларнинг секин-секин тебратиб, гул чангларини тўкаётгани ҳақида куйларди. Дашт ҳам чавандознинг ашуласини тинглайди ва у билан бирга ўйнаб, бирга куйлайди...
Эҳтимол, ҳозир биз поездда елиб бораётган бу ердан ўша чавандоз ҳам қачонлардир юргандир... балки ўшанда, худди ҳозиргидек, дашт уфқида шафақ секин-аста оч-сариқ тусга кириб, сўна борган, тоғ бағридаги қор эса худди ҳозиргидек қуёшнинг сўнгги шуълаларини эмиб, пушти рангга кирган-у яна дарҳол хиралашиб сўниб қолгандир.
Дераза ортидан боғ-роғлар, токзорлар, қулф уриб ётган кўм-кўк маккажўхори далалари ўтиб борарди. Янги ўрилган барра йўнғичқа ортилган қўш отли арава темир йўл чорраҳаси томон йўртиб борарди. У шлагбаум олдида тўхтади. Қуёшда қорайган, ранги унниқиб кетган йиртиқ майка кийиб, иштонини тиззасигача шимариб олган аравакаш бола ўрнидан турди-да, поезд томон ҳавас билан боқиб, илжайганича кимгадир қўл силтади.
Радиодан таралаётган куй поезднинг тарақа-туруғуга жўр бўлиб, кишини ҳайратга соларли даражада бир-бири билан уйғунлашиб кетарди. Отнинг дукур-дукури рельсларнинг туташган жойига урилаётган ғилдирак товуши билан алмашингандек эди. Қўшним бўлса қўлини столчага тираб, кўзларини ҳамон ташқаридан узмай ўтирарди. Назаримда, у ҳам ўзича ўша танҳо отлиқнинг ашуласини унсиз куйлаётгандек эди. У хафами ёки бирон нарсани ўйлаяптими, ҳарқалай, унинг қиёфасидан бошида қандайдир чуқур қайғу, юрагида ўчмас алам борлиги сезилиб турарди. У ўзини шу қадар унутган эдики, купеда менинг ўтирганимни ҳам пайқамасди. Мен унинг юзини кўришга интилдим. Қаерда учратган эдим бу одамни? Ҳатто буғдойранг қўллари, узун ва бақувват бармоқлари ҳам таниш кўринади.
Ниҳоят уни танидим: бу мени машинасига олмаган ўша шофёрнинг худди ўзгинаси эди. «Бирон ёққа ўз иши билан кетаётган бўлса керак», — деб ўйладим ва шу билан хотиржам бўлдим. Чамадондан китоб олдим. Ўзимни унга танитишимнинг ҳожати бормиди? Эҳтимол, у аллақачонлар унутиб юборгандир. Шофёрларга йўлда озмунча йўловчи дуч келади дейсизми?
Шундай қилиб, биз яна анча вақтгача ўзимиз билан ўзимиз овора бўлиб, жим кетдик. Кеч кириб, қош қорая бошлади. Ҳамроҳим чекмоқчи бўлиб ёнидан папирос чиқарди ва гугурт чақиш олдидан чуқур хўрсиниб қўйди. Сўнгра бошини кўтарди-ю, ҳайратланиб менга қаради ва шу заҳотиёқ қизариб кетди. Таниди.
— Салом, оға! — деди у айбдор кишидек кулимсираб. Мен ҳам унга қўл чўздим.
— Узоққа кетяпсизми? — деб сўрадим.
— Ҳа... Узоққа! — деди у папирос тутунини таратаркан ва бир оздан кейин қўшиб қўйди: — Помирга.
— Помирга! Демак, ҳамроҳ бўлар эканмиз-да. Мен Ўшга кетяпман.
— Мен ҳам худди ўша томонга.
— Жуда соз бўлди, зерикмас эканмиз.
— Эҳтимол, — дея ишончсизлик билан тўнғиллади у.
— Дам олганими? Ёки ўша ёққа ишга жойлашмоқчимисиз?
— Ҳа, шунга ўхшашроқ... Чекасизми? — деб папирос узатди у.
Биз папиросни тутатиб, бир оз жимиб қолдик. Дастлаб бошқа ҳеч қандай гапимиз қолмагандек туюлди. Ҳамроҳим яна хаёлга чўмди. У бошини қуйи солиб, поезд ҳаракатига мос тебраниб борарди. У, назаримда, биринчи учрашганимиздагига қараганда жуда ўзгариб кетгандек кўринди. Анча ўзини олдириб қўйган, пешонасидаги уч қатор ажин янада ичкарироқ ботиб кирган, чимирилган қошлари эса юзига ғамгин соя солиб тургандек эди. У тўсатдан бошини кўтарди-да, қийиқ қўйкўзларини менга тикиб:
— Сиз ўшанда мендан қаттиқ хафа бўлгандирсиз-а, оға? — деб сўради маъюс жилмайиб.
— Қачон? Негадир эслолмаяпман, — мен унинг ноқулай аҳволга тушиб қолишини истамас эдим. Ростини айтганда, ўтган иш хафа бўлишга арзимасди ҳам. Лекин у менга шундай бир самимият билан тикилиб турардики, менинг тезда иқрор бўлишдан бошқа иложим қолмаган эди. — Э, ҳа... унга анча бўлди-ку... Арзимаган гап эди, эсимдан ҳам чиқиб кетипти. Бунинг нимаси бор экан. Йўлда ҳар хил ҳодиса содир бўлиши мумкин. Сиз ўша учрашганимизни ҳали эслаб юрибсизми?
— Бошқа вақтда бўлганда, эҳтимол, унутиб юборган ҳам бўлардим. Лекин ўша кунни унутолмайман...
— Нима бўлган эди? Бирор фалокат юз берганми-ди?— деб сўрадим мен ундан беихтиёр, унинг ўша кунги машинани қандай бошқараётганини эслаб.
— Йўқ, нима десам бўларкин? Фалокат юз бермаган эди! — деди у бир оз дурустроқ сўз танлаб, сўнг кулиб юборди, тўғрироғи, ўзини кулишга мажбур қилди.— Ҳозир бўлса, истаган томонингизга машинада сайр қилдириб келар эдим-у, аммо кўриб турибсиз, ўзим ҳам йўловчиман...
— Ҳечқиси йўқ, от бир босган изидан минг марта юради, дейдилар-ку, эҳтимол, вақт-соати келиб, яна йўлда учрашиб қолармиз...
— Агар насиб қилиб учрашиб қолсак, албатта ўзим зўрлаб кабинага чиқариб оламан, — деди у бошини силкиб.
— Демак, келишдикми? — деб ҳазиллашдим мен.
— Сўз бераман, оға! — деди у хурсанд бўлиб.
— Шундай қилиб, нега ўшанда мени олиб кетмаган эдингиз?
— Нега дейсизми? — деди-ю, шу ондаёқ маъюс бўлиб қолди.
У тарвузи қўлтиғидан тушгандек жим қолиб, папирос тутунини жон-жаҳди билан торта бошлади. Мен ўринсиз савол берганимни пайқаб қолиб, гапни бошқа ёққа буришга интилдим. Бироқ вақт ўтганди. У папиросини ўчирди-да:
— Иложим йўқ эди... Ўғлимни ўйнатиб олиб юрган эдим... — деди зўр-базўр ғўлдираб.
— Ўғлимни? — Ҳайрон бўлдим мен. — Каттагинами у?
— Йўқ! — дея жилмайди у, энди унинг кўзлари менга табассум билан боқарди. — Ҳали ёш, энди бешга қадам қўйди...
— Нима, у сизни бирон жойда кутиб турганмиди?
— Ҳа, довонда.
— Хўш, кейин нима бўлди? — мен ҳали ҳам ҳеч нарса тушуна олмаётган эдим. Қизиқ, нега ўғли у ерда бўлади, умуман, боланинг бу гапга нима алоқаси бор?
— Биласизми... Гап бундай... Сизга қандай тушунтирсам экан... — деб у пешанасига сизиб чиқаётган тер қатраларини артди, ҳаяжонини босиш учун чекди, сўнг менга жиддий тикилди.
Ана шундай қилиб, мен шофёрнинг ўз тақдири ҳақидаги ҳикоясини эшитишга муяссар бўлдим. Лекин у ҳеч кимга, айниқса, менга — журналистга ўз ҳаёти тўғрисида батафсил гапириб бермаслигига қаттиқ ишонардим. Кейинроқ билишимча, бу одам дуч келган йўловчига юрагидаги сир-асрорини тўкиб соладиган одамлардан эмас экан. Аммо шофёрнинг бошидан кечирган саргузаштлари шундай эдики, унинг хоҳиши-истагидан қатъий назар, воқеани бирма-бир айтиб беришга мажбур эди. Акс ҳолда мен ҳатто Тянь-Шань йўлида орамизда бўлиб ўтган арзимас ҳодисани ҳам тушуниб етмаган бўлардим.
Манзилга етгунча ҳали вақтимиз кўп эди. Поезд Ўшгача деярли икки кеча-кундуз юради. Мен уни шоширмасдим ва турли саволлар бериб гапини ҳам бўлавермасдим. Киши ўз кечирганларини қайта бошидан кечираётгандек ҳис этиб, гоҳ сўзи оғзида қолиб тўхтаб, гоҳ ўйланиб, энтикиб ҳикоя қилиб берса — жуда мароқли бўлади. Аммо уни ҳикоясига қўшилиб кетмаслик учун мен ўзимни зўр-базўр тутиб турардим. Чунки мен кутилмаганда шуни билиб қолдимки, шароитга кўрами ёки ўзимнинг ҳар нарсага аралашиб кетаверадиган журналистлик касбимга кўрами, ҳарҳолда, шахсан бу йигит ҳақида бўлмаса ҳам тақдир унга учратган, аммо шофёрга унча таниш бўлмаган кишилар тўғрисида унча-мунча нарса билардим. Шунинг учун ҳам мен унинг ҳикоясини давом эттиришим, баъзи тафсилотлар билан тўлдиришим, унга номаълум бўлган кўп нарсаларни сўзлаб беришим мумкин эди. (Дарвоқе, қиссанинг иккинчи ҳикоясида худди мана шу тафсилотлар баён этилади). Аммо мен буни шофёрнинг ҳикоясини охиригача тинглаб бўлганимдан кейин айтиб беришга қарор қилдим. Сўнгра эса у фикримдан ҳам қайтиб, унга ҳеч нарса гапирмадим. Шундай қилганим яхши бўлди, деб ўйлайман. Нега? Чунки бу тафсилотни кейинроқ, қиссанинг энг охирида сўзлаб беришни лозим кўрдим.
Модомики асосий мавзудан четлашиб кетган эканман, шунга кўра бу ўринда бир лирик чекиниш қила қолай.
Эҳтимол, ўқувчилар «Икки ҳикоядан иборат қисса» деган ғалати сарлавҳачага эътибор қилишгандир. Ҳа, дарвоқе, шундай. Бу шунчаки авторнинг хоҳиши билан бўлган нарса эмас. Маъдумки, одатда, агар зарурат туғилса, адабий асарларни бўлим, боб ва қисмларга ажратилади. Ҳикоя эса ўз-ўзидан маълумки, алоҳида мустақил адабий асардир. Бироқ бу ерда гап форма ҳақида кетаётгани йўқ.
«Бу воқеанинг тарихи узоқ!» — деган эди бензин колонкасидаги аёл. Ҳақиқатан ҳам мен сўзлаб бермоқчи бўлган воқеа жуда узоқ ва эҳтимол, одатдаги ҳикояларга мутлақо ўхшамас. Мен бу ҳақда аллақачон автор тилидан кичкинагина қисса ҳам ёзгандим. Яъни, ташқаридан кузатиб туриб, воқеа-ҳодисалар ва кишилар характерларини чизиб бергандим. Шундай қилиб, тасвирланаётган ҳаёт қайновида автор сифатида ўзим ҳам қатнашгандим. Қиссани ўқиб чиқиш учун ўртоқларимга берарканман, бирданига устимга дўлдай таъна ва танбеҳлар ёғила бошлади. Айтилган фикрлар ҳеч бир-бирига тўғри келмасди: баъзилар мени ҳақ, автор ўз қаҳрамонларига нисбатан шундай позицияда бўлиши керак, дейишса, баъзилар мени койишиб, ғазабланиб, автор ноҳақ, асарни бундай эмас, бошқачароқ ёзиш керак эди, дедилар. Айниқса, қиссанинг хотима қисми кўпчиликнинг аччиғини келтирганди. Хуллас, улар ҳар тўғрида баҳслашишарди. Ахлоқ ҳақида, қаҳрамонларнинг ҳатти-ҳаракатлари ҳақида тортишишиб, ё уларни қоралашар, ё маъқуллашарди. Аммо кишиларнинг ҳаётга нисбатан бу шахсий қарашлари билан боғлиқ бўлган барча эътирозлари менга, авторга қаратилган бўлиб, гўё буларнинг ҳаммаси менинг хоҳишим билан рўй бергандек эди.
Ўртоқларимдан қайси бирининг фикри қанчалик тўғри ёки нотўғри эканлигини муҳокама қилиб ўтиришни ўз зиммамга олмайман, таҳлил қилиш ниятим ҳам йўқ. Бироқ узоқ фикр юритишлардан сўнг шундай хулосага келдим, яъни қиссани ҳаётда қай тарзда эшитган бўлсам, худди шу тарзда ёзишим керак. Мен бу қиссани икки кишидан эшитганман, шунинг учун ҳам қисса икки ҳикоядан ташкил топган. У икки кишининг бошидан кечирганларидир. Мен нимани эшитган бўлсам, шунигина ёзяпман. Яхшиси, қаҳрамонларнинг ўзлари ҳикоя қилиб бера қолишсин.

ШОФЁР ҲИКОЯСИ

...Буларнинг ҳаммаси ҳеч кутилмаганда юз берди. Ўша кезларда мен моторлаштирилган қисмда ҳарбий хизматни ўтаб бўлиб, армиядан эндигина қайтиб келган эдим. Ҳарбий хизматга боргунимча ўн йилликни тамомлаб, шофёрлик қилардим. Ўзим болалар уйида тарбияланганман. Дўстим Алибек Жонтурин мендан бир йил олдин ҳарбий хизматдан бўшаб келиб, Рибачедаги автобазада ишлаётган эди. Хизматни ўтаб бўлгач, мен ҳам тўппа-тўғри ўша автобазага келдим. Биз Алибек иккимиз Тянь-Шанда ёки Помирда ишлашни доим орзу қилиб юрардик. Автобазада мени яхши кутиб олишди. Ётоқхонага жойлаштиришди. Ҳатто бирор ери ҳам лат емаган яп-янги «ЗИЛ» машинасини беришди. Тўғрисини айтсам, машинамни одамни севгандек севардим. Мотори жуда кучли, ажойиб машина эди. Шундай бўлса ҳам биз унчалик ортиқча юк билан юрмасдик. Тянь-Шань йўлини ўзингиз яхши биласиз — бу автотрасса дунёдаги энг баланд тоғли йўллардан бири, қанчадан-қанча даралар, довонлар бор. Тоғда сув истаганча топилади, шунга қарамай, ҳаммавақт эҳтиётдан сув олиб юришга тўғри келарди.
Эҳтимол, кузовнинг олди бурчагидаги устунчага осиб қўйилган сувли камерага кўзингиз тушган бўлса керак. Юк ёз бўлса ҳам, олис ва ўнқир-чўнқир йўлларда мотор тез қизиб, радиатор эриб кетиши ҳеч гап эмас. Шунинг учун доим сув олиб юриш керак. Дастлаб мен ҳам қандай бўлмасин, машинага кўпроқ юк ортиш чораларини кўзлаб узоқ вақт бош қотирдим. Бироқ ҳеч нима чиқмади. Ҳарқалай, тоғ тоғлигини қилади.
Шундай бўлса ҳам ўз ишимдан кўнглим тўқ эди. Бу ернинг ўзи ҳам, табиати ҳам менга ёқарди. Автобазамиз шундайгина Иссиқкўлнинг қирғоғида жойлашган эди. Бу ерга чет эллик туристлар ҳам келиб туришарди. Улар кўл соҳилида сеҳрлангандек бир неча соатлаб томоша қилиб туриб қолишарди, ана шундай пайтларда мен ўзимча: «Қаранг, Иссиқкўлимиз қандай ажойиб! Бунчалик гўзал, бунчалик кўркам манзарани топа олиш мумкинми?..» — деб фахрланардим.
Дастлабки кунларда негадир бир оз сиқилиб юрдим. Баҳор, ишлар қайнаган пайт, сентабрь Пленумидан кейин дастлабки кунларданоқ колхозчилар қурилиш ишларини авж олдириб юборишган эди. Улар бутун вужуди билан ишга шўнғиб кетишди-ю, аммо техника етишмасди. Шунинг учун ҳам автобазадаги машиналарнинг бир қисмини колхозларга ёрдамга юборишарди. Айниқса, ишга янги кирганларни, шу жумладан, мени ҳам нуқул ўша ёққа юборишарди. Трассага ўтиб, энди йўлга кўникдим деганда, яна у ердан олиб овулларга ҳайдашарди. Ишнинг қанчалик муҳим ва зарур эканлигини тушунардим. Аммо мен ҳарҳолда шофёрман, машинага жоним ачирди-да. Машина эмас, балки мен ўзим ўнқир-чўнқирлардан сакраб отилиб, қишлоқ бўйлаб лой кечиб бораётгандек бўлардим. Йўллар шунақанги расвоки, бунақасини ҳатто тушингизда ҳам кўрмагансиз.
Кунлардан бирида янги молхона учун колхозга шифер олиб бораётгандим. Бу овул тоғ этагида жойлашган бўлиб, унга борадиган йўл ҳам худди ана шу тоғ ёнбағридаги дашт бўйлаб ўтарди. Машина бемалол бораётган эди, йўл ҳам селгиб қолган экан. Бироқ овулга етай деб қолганимда, машинам бирдан қандайдир ариққа тиқилиб қолди. Бу йўл баҳордан бери юрилавериб шунчалик ағдар-тўнтар қилиб ташланган эдики, ҳатто туя чўкиб кетса ҳам топиб олиш қийин эди. Ундай қилиб кўрдим, бундай қилиб кўрдим, машинани турли томонга ҳайдаб кўрдим — ҳеч нарса чиқмади. Лаънати лой уни қаърига шунчалик тортиб кетган эдики, худди қисқичда тутиб тургандек, ҳеч қаёққа қўзғатмасди. Бунинг устига рулни жаҳл билан қаттиқ буриб юборган эканман, машинанинг қаеридир шилқ этиб чиқиб кетди. Яна унинг остига киришга тўғри келди. Ҳаммаёғим лойга беланиб қора терга тушиб, йўлни оғзимга келган сўзлар билан сўкиб ётган эдим, кимнингдир шу томон юриб келаётган оёқ шарпасини эшитиб қолдим. Ётган жойимдан менга фақат резина этиккина кўринарди. Этиклар яқинлашиб келиб, қаршимда қимир этмай тураверди. Жаҳлим чиқиб кетди. Нимани томоша қилади-я, цирк борми бу ерда!..
— Қани, тепамда турма, йўлингга равона бўл! — деб қичқирдим машина остидан. Эскириб, гўнг тегиб ифлос бўлиб кетган кўйлак этагига кўзим тушиб қолди. Назаримда, аллақандай кампирга ўхшади, овулга олиб бориб қўяр, деб кутиб турган бўлса керак.
— Йўлингдан қолма, кампир! — дедим унга яна. — Бу ерда ҳали анча вақт айланишиб қоламан, кутавериб тоқатинг тоқ бўлади...
У бўлса:
— Мен кампир эмасман! — деди.
У бу сўзларни қандайдир ишончсизлик билан уялинқираб айтган эди.
— Кимсан бўлмаса? — дедим аччиғим чиқиб.
— Қиз боламан.
— Қиз боламан? — деб этикларига яна кўз қиримни ташладим. Жеркиб берганлигим учун хижолат тортиб, буёғини ҳазилга бурдим:
— Чиройлимисан? — деб сўрадим.
Этиклар кетишга ҳозирланиб, четга қараб одимлай бошлади. Шунда мен дарров машина остидан чиқдим. Қарасам, ҳақиқатан ҳам қошлари жиддий чимирилган ва каттакон, кўринишидан отасиники бўлса керак, камзулини елкасига ташлаб олган қизил дуррачали, нозиккина бир қиз турибди. У менга жимгина термилиб турарди. Мен бўлсам ерда ўтирганимни ҳам, лой ва балчиққа беланганимни ҳам унутиб юбориб:
— Чакки эмас! Чиройли экансан-ку! — дея унинг бошидан оёғигача назар ташлаб чиқар эканман, илжайиб қўйдим. У ҳақиқатан ҳам гўзал эди:
— Шу оёқларингга туфличалар бўлсами! — деб ҳазиллашдим ўрнимдан турарканман.
Қиз тўсатдан шартта бурилди-да, орқасига қайрилиб ҳам қарамай, жадаллаганча кета бошлади.
Нима бўлди унга? Хафа бўлдими? Ҳазил-мутойиба қилиб ўтиришнинг вақти эмас! Эс-ҳушимни йиғиб олдим, ортидан югуриб етиб олмоқчи бўлдим, кейин яна орқага қайтиб, асбобларни тезда йиғиштириб олдиму кабинага ирғиб чиқдим ва машинани гоҳ олдинга, гоҳ орқага зарб билан ҳайдаб тебрата бошладим. Фақат биргина нарсани — унга етиб олишни ўйлардим, холос. Мотор эса зўр бериб тириллар, машина силкинар эди. Бироқ у жойидан бир қадам ҳам силжимасди. Қиз бўлса борган сари узоқлашиб борарди. Мен лойга ботиб, турган жойида дириллаб айланиб ётган ғилдиракларнинг остига қараб:
— Қўйиб юбор! Қўйиб юбор деяпман! Эшитяпсанми? — деб бақирардим, кимга қичқираётганимни ўзим ҳам билмай.
Жонимнинг борича акселераторни сиқдим. Машина ўкириб секин-аста олға силжий бошлади ва қандайдир бир мўъжиза билан ботқоқдан отилиб чиқди. Ўзимда йўқ қувониб кетдим! Машинани йўлга чиқариб, рўмолча билан юзимдаги лойни артдим ва сочларимни силаб тартибга солдим. Қизга ёнма-ён келгач, машинага тормоз бердим, бунчалик журъат қаердан пайдо бўлди менда, ўзим ҳам билмайман, ўриндикда ўтирган еримда ёнбошлаганча абжирлик билан кабина эшигини шартта очдим-да:
— Марҳамат! — деб эҳтиром билан қўл узатдим. Қиз тўхтамади. «Ана холос!» — дея бошимни қаший бошладим. Бояги жасорат ва эҳтиромдан асар ҳам қолмаганди. Мен унга яна етиб олдим. Бу гал узр сўраб, илтимос қила бошладим:
— Хафа бўлманг. Мен, ахир, шунчаки... Ўтиринг. Аммо қиз лом-мим демади.
Шунда мен уни қувиб ўтиб, машинамни йўлга кўндаланг қилиб қўйдим-да, кабинадан сакраб тушиб, ўнг томонга югуриб ўтдим, эшикни очиб, уни ушлаб туравердим. У, оббо, мунча ёпишиб олди бу тентак, дегандек ҳадиксираб менга яқинлашди. Мен ҳеч нарса демадим, нима ҳам қила олардим. Бош эгиб кутиб туравердим. Менга раҳми келдими ёки шунчакими, ҳайтовур, бир бош чайқаб қўйди-да, индамай кабинага чиқиб ўтирди.
Биз йўлга тушдик.
Мен индамай ўтирардим, қандай гап бошлашни ўйлардим. Қизлар билан биринчи марта учрашаётганим йўқ, шундай бўлса ҳам ҳозир у билан гаплашишга юрагим дов бермай турарди. Нега шундай-а? Рул чамбарагини айлантирар эканман, унга зимдан қараб қўярдим.
Қоп-қора нозик ва майин сочлари қўнғироқ-қўнғироқ бўлиб бўйнига тушиб турарди. Камзули эса елкасидан сирғалиб тушиб кетди, уни тирсаги билан тутиб турарди, ўзи бўлса менга тегиб кетишдан қўрқиб, нарироқ сурилиб ўтирди. Қарашлари жиддий бўлса ҳам, умуман, қиёфасидан меҳрибонлик ва самимийлик сезилиб турарди. Юзлари ойдек, ранги тиниқ эди. Пешанасини тириштириб, чимирилмоқчи бўларди-ю, бироқ уддалай олмасди ва йўл-йўлакай эҳтиёткорлик билан менга қараб-қараб қўярди. Кўзимиз кўзимизга тушиб қолди. У жилмайиб қўйди. Ана шундан кейин мен гап бошлашга қарор қилдим.
— Сиз у ёқда, машина олдида нега тўхтаган эдингиз? — деб оғзимга келганини сўраб қўя қолдим.
— Сизга ёрдамлашмоқчи эдим.
— Ёрдамлашмоқчи? — деб кулиб юбордим. — Дарҳақиқат, ёрдамингиз тегди! Агар сиз бўлмаганингизда, кечгача ўша ерда қолиб кетган бўлардим... Сиз доим шу йўлдан юрасизми?
— Ҳа. Фермада ишлайман.
— Жуда яхши! — деб қувониб кетдим, аммо дар-ров ўзимни ўнглаб олиб, сўзимни тўғрилаб қўйдим. — Йўл жуда яхши!
Худди шу пайт машина чуқурликка тушиб қаттиқ силкинган эди, елкаларимиз бир-бирига тегиб кетди. Мен томоқ қириб қўйдим, кўзларимни қаёққа яширишни билмай, қип-қизариб кетдим. У эса кулиб юборди. Шунда мен ҳам ўзимни тутиб туролмай, хахолаб кулиб юбордим.
— Мен бўлсам колхозга бормайман деб юрибман-а, — дедим кулги аралаш. — Агар йўлда сизга ўхшаган ёрдамчи учрашини билганимда эди, диспетчер билан ади-бади айтишиб ўтирмаган бўлардим... Эҳ, Илёс, Илёс! — дея ўзимни ўзим койидим. — Бу менинг исмим, — деб тушунтирдим сўнг қизга.
— Менинг исмим Асал...
Биз овулга яқинлаша бошладик. Энди йўл анча текис эди. Мен машинани яна қичаброқ ҳайдадим. Шабада кабина деразасига урилиб, Асалнинг бошидаги дуррачасини юлқилар ва сочларини тўзитар эди. Биз чурқ этмасдик. Иккимиз ҳам илиқ ҳислар қучоғига чўмиб борардик. Тирсаги тирсагингга тегай-тегай деб ўтирган мана шу қиз ҳақида бундан бир соат илгари сен ҳеч нарса билмасдинг, энди бўлса нима учундир фақат унинг тўғрисида ўйлагинг келади. Шундай пайтларда машинани ҳайдаш ҳам жуда осон, жуда марокли бўлар экан... Асалнинг кўнглида нималар кечаётганини билмасдим, аммо унинг кўзлари табассум билан порларди. Эҳтимол, у ҳам менга ўхшаб ҳеч қачон ажралмаслик учун узоқ ва тинимсиз юришни истаётгандир. Бу менинг орзу-хаёлларим, албатта. Шу чоғ машина овул кўчаларидан ўтиб бораётган эди. Шунда Асал машинада кетаётгани тўсатдан эсига тушиб қолгандек:
— Тўхтатинг, тушаман! — деди чўчинқираб. Мен машинага тормоз бердим.
— Етиб келдик шекилли? Шу ерда турасизми?
— Йўқ, — деди у негадир ҳаяжонланиб, безовталаниб. — Яхшиси, шу ерда тушиб қўя қолай.
— Нега энди? Тўппа-тўғри уйингизга олиб бориб қўяман! — деб унинг эътироз биддиришига имкон бермай, машинани яна ҳайдаб кетдим.
— Шу ерда тушаман, — деди Асал ниҳоят. — Раҳмат!
— Марҳамат! — дедим аранг, сўнг: — Агар эртага машинам яна бояги ерда тиқилиб қолса, ёрдам берасизми? — дедим ҳазил аралаш жиддийлик билан.
У жавоб беришга улгуролмади. Яқиндаги ҳовлининг кўча эшиги очилиб, алланимадан ташвишланган кексагина аёл югуриб чиқди.
— Асал! — деб қичқирди у нимадандир огоҳлантирмоқчи бўлгандек, қўли билан оғзини беркитиб.
— Қаёқларда дайдиб юрибсан, худо кўтарсин сени! Бор, тезроқ кийимларингни алмаштир, совчилар келишди!
Асал уялиб кетди. Елкасидан камзулини ҳам тушириб юборди, сўнгра уни ердан олди-да, итоаткорона онаси орқасидан кетди. У эшик олдига борганда орқасига бир қайрилиб қаради, аммо шу заҳотиёқ эшик «тақ» этиб ёпилди.
Мен кўчадаги қозиқда боғлоғлиқ турган эгарланган ва узоқ йўл юриб терга ботиб келган отларни эндигина пайқабман. Ўтирган еримдан туриб, девор оша ҳовлига қарай бошладим. Ўчоқбошида хотин-халаж уймалашиб юришарди. Катта рух самовардан бурқсаб тутун чиқиб турарди. Икки киши айвонда янги сўйилган қўй терисини шилмоқда. Хуллас, совчиларни кўнгилдагидек кутиб олишаётган эдилар. Менинг бу ерда қиладиган ишим қолмаганди. Бориб юкларни туширишим керак эди.
Автобазага кеч кирганда қайтдим. Машинани ювиб, гаражга киритиб қўйдим. Бу ерда анча вақтгача ўралашиб юрдим, машинанинг у ёқ-бу ёғини кўздан кечириб, тузатган бўлдим. Бугунги воқеани кўнглимга шунчалик яқин олганимни негадир ўзим ҳам тушунмасдим. Бутун йўл бўйи ўзимни ўзим дам койирдим, дам юпатардим: «Хўш, сенга нима? Қанақа аҳмоқсан ўзинг? Ахир у сенинг киминг бўлади ўзи? Қайлиғингми? Ё синглингми? Тасодифан йўлда учрашиб қолиб, уйига олиб бориб қўйибсан, хўш, нима бўпти? Гўё илгаридан бир-бирларингни севиб юргандек куюнишингни қара-ю! Эҳтимол, у сенинг ҳақингда ўйлашни ҳам истамас. Сенга жуда кўзи учиб тургани ҳам йўқдир! Ахир қизнинг айттириб қўйган куёви бўлса, сен унинг кими бўласан, ҳеч кими! Йўлда учраган бегона шофёр бўлсанг, сенга ўхшаган шофёрлар сон-саноқсиз-ку, ахир... Яна бировларнинг ишига аралашишга нима ҳаддинг бор: улар қуда-анда бўлишяпти, яқинда тўй қилишади, уларнинг ишига тумшуғингни суқиб нима қиласан? Ҳаммасига тупур. Сенинг ишинг нима? Яхшиси, рулингни айлантириб юравер!..»
Аммо бутун бало шунда эдики, ўзимни ҳар қанча аврасам ҳам у қизни ёдимдан чиқара олмасдим.
Машина олдида қиладиган ишим ҳам қолмади. Ётоқхонага борсам бўларди. У ерда шовқин-суронли, гавжум жой — қизил бурчак ҳам бор. Менинг у ёққа боргим йўқ. Кўнглим ёлғиз бўлишни истарди. Қўлларимни бошим остига қўйиб, машина қанотига чалқанчасига ётдим. Ёнгинамда, машина остида Жонтой деган шофёр ивирсиб юрган эди. У чуқурдан бошини чиқарди-да:
— Сенга нима бўлди, чиройли йигит? Хаёл суряпсанми? — деди масхараомуз тўнғиллаб.
— Ҳа, пул ҳақида! — деб шартта кесдим гапини. Мен уни ёқтирмасдим, у уччига чиққан хасис, айёр ва ҳасадгўй йигит эди. У бошқаларга ўхшаб ётоқхонада турмасди. Аллақандай бир аёлникида ижарага турарди. Айтишларича, унга уйланишга ваъда берганмиш, нима бўлса ҳам уй-жойли бўлиб олади-да.
Мен тескари ўгирилиб олдим. Ҳовлида, машиналар ювиладиган жойда йигитларимиз қий-чув кўтариб, ҳазил-ҳузул қилишяпти. Кимдир кабинага чиқиб олиб, навбат кутиб турган шофёрлар тўдасига қарата брандспойтдан вишиллатиб сув сепмоқда. Улар бутун автобазани бошларига кўтариб қаҳқаҳлашарди. Отилиб чиқаётган сув шунчалик кучли эдики, бориб урилган одамини бемалол гандираклатиб юборарди. Бояги йигитни кабина устидан туширишмоқчи бўлишар эди-ю, аммо у турган жойида ирғишлаб, гўё автоматдан ўқ ёғдираётгандек, кишиларнинг орқасига сув билан савалаб, бош кийимларини учириб юборар эди. Бирдан отилиб чиқаётган сув осмонга кўтарилди-ю, қуёш нурлари остида камалакка ўхшаб эгилиб туша бошлади. Қарасам, диспетчеримиз Хадича турибди. Сув эса унинг устидан учиб ўтмоқда. Бироқ у қимир этмасди. Хадича ўз қадр-қимматини биларди, ҳамманинг ўзига суқланиб қарашини ҳам сезарди. У ўзини қандай тутишни яхши билар, унча-мунча одамни ўзига осонликча яқин йўлатмасди. Ҳозир ҳам у ишонч билан ҳеч нарсадан чўчимай, қани сепиб кўрчи, ожизлик қиласан, дегандек, парвойи фалак турарди. Этикли оёқларини кериб, шпилкаларни оғзида тишлаб, кулимсираганча уни сочларига қадарди. Майда, кумушсимон сув заррачалари унинг боши узра тушаётган эди. Йигитлар қаҳқаҳлашиб, кабина устидаги йигитни гиж-гижлашарди.
— Хадичани чўмилтириб қўй!
— Бир бопла!
— Қўлидан келмайди!
— Қочиб қол, Хадича!
Йигит журъат эта олмай, отилиб чиқаётган сув оқимини юқорилатиб-пастлатиб ўйнарди. Унинг ўрнида мен бўлганимдами, бошидан оёғигача сувга чўмилтирардим, шунда ҳам у менга ҳеч нарса демаган бўларди, куларди-қўярди, холос. Мен буни мақтанчоқлик қилиб айтаётганим йўқ. Хадичанинг бошқаларга қараганда менга қандайдир бошқача муносабатда эканини доим сезиб юрардим. У мен билан гаплашганда бошқачароқ: мулойим, сал тантиқроқ бўлиб қоларди. Ҳазиллашиб тегажоқлик қилсам ҳам, бошини силасам ҳам унга ёқиб кетарди. Унинг доим мен билан баҳслашиб, жанжаллашиб қолиб, яна дарҳол, ҳатто ноҳақ бўлсамда, таслим бўлишини яхши кўрардим. Баъзан уни кинога олиб тушардим, уйи ётоқхона йўлида бўлгани учун кузатиб ҳам қўярдим. Унинг олдига, диспетчер хонасига тўппа-тўғри кириб бораверардим, бошқалар эса фақат туйнукча орқали мурожаат қилишарди.
Аммо ҳозир Хадича ҳам кўнглимга сиғмасди. Майли, у эркалигини қилаверсин.
Хадича сўнгги шпилкасини қадаб бўлди:
— Бас, етар энди шунча ўйнашганинг! — деди у амирона.
— Хўп бўлади, ўртоқ диспетчер! — деб кабина устидаги йигит қўлини чаккасига қўйиб чест берди-ю, ҳукмни осонлик билан бажо келтирди. Атрофдагилар хахолашганича йигитни кабина устидан судраб туширдилар.
Хадича эса биз турган гаражга қараб келаверди. У Жонтойнинг машинаси ёнида тўхтаб, кимнидир излай бошлади. У хийла пайтгача мени пайқамади. Орамизда гаражни хона-хона қилиб ажратиб турувчи сим тўрлар бор эди. Жонтой чуқурдан бошини чиқариб:
— Салом, сулув қиз! — деб саломлашди.
— Э, Жонтой...
У кўзларини лўқ қилиб, Хадичанинг оёқларига тикилиб турарди. Хадича эса энсаси қотгандек елкасини қимтиб қўйди-да:
— Хўш, намунча тикиласан? — деб этикчасининг учи билан Жонтойнинг иягига сал туртиб қўйди.
Бошқа одам бўлганда, эҳтимол уни сўкиб берган ёки ранжиб қолган бўлармиди. Бу бўлса гўё бўса олгандек оғзи қулоғига етиб, чуқурга шўнғиб кетди.
Хадича тўсиққа яқинлашаркан, менга кўзи тушиб қолиб:
— Дам оляпсанми, Илёс? — деди.
— Ҳа, пар тўшакда ётгандек!
У юзини сим тўрга қадаб, менга тикилиб қаради ва секингина:
— Диспетчерхонага кир, — деди.
— Хўп.
Хадича кетди. Ўрнимдан туриб, кетишга ҳозирландим. Жонтой яна бошини чиқарди:
— Яхши нарса-я! — деди қўлларини ишқалаб, менга кўз қисиб.
— Аммо сенинг тенгинг эмас! — деб гапнинг пўскалласини айтдим-қўйдим.
Мен унинг жаҳли чиқар, мен билан уришиб кетар, деб ўйлаган эдим. Уриш-жанжал ишқибозларидан эмасману, аммо юрагим шу даража азоб чекаётган эдики, ўзимни қўярга жой топа олмай турган эдим. Бироқ Жонтой хафа бўлишни хаёлига ҳам кетирмади:
— Ҳечқиси йўқ! — деб тўнғиллади у. — Омон бўлсак, кўрармиз...
Диспетчер хонасида ҳеч ким йўқ эди. Нима бало? Қаёққа йўқ бўлди у: ичкари киришим билан эшик ёпилди. Орқага ўгирилдим-у кўкрагим Хадичанинг кўкрагига қадалиб, тўқнашиб қолдик. У бошини орқага ташлаб, эшикка суяниб турарди. Кўзлари киприклари остида чақнарди. Қайноқ нафаси юзимга уриларди. У менинг қучоқлаб олишимни, ўпишимни кутиб тургандек эди. Ўзимни тута олмай қолдим. У томон интилдим-у, яна шу заҳотиёқ орқага тисландим. Бу гап қанчалик ғалати туюлмасин, мен ўша дақиқада ўзимни Асалимга хиёнат қилаётгандек ҳис этдим. Бундай фикрнинг жуда кулгили эканлиги хаёлимга ҳам келмади.
— Нега чақирдинг? — деб сўрадим норози оҳангда.
Хадича ҳамон менга жимгина боқиб турарди.
— Гапир, нима? — дедим тоқатим тоқ бўлиб.
— Наҳотки нимагалигини билмасанг? — деди у дили оғригандек. — Негадир қиё боқмайдиган бўлиб қолдинг. Ёки бошқа биронтаси топилиб қолдими?
Мен довдираб қолдим. Нега мендан ўпкалаяпти? Қаёқдан била қолдийкин?
Шу пайтда туйнукчанинг зулфини шиқиллаб қолди.
Жонтой бошини тиқиб мўралади. У қисиқ кўзларини ўйнатиб тиржайиб турарди. Пойламоқчи бўлибди-да! Эҳ, кўнглимда нималар борлигини билганда эди, бундай қилмаган бўларди!
— Марҳамат, ўртоқ диспетчер! — деди у ичиқоралик билан Хадичага қандайдир қоғозни узатаркан.
Хадича жаҳл билан унга хўмрайиб қаради-ю, қоғозни олмади. Алам билан юзимга тўрсиллатиб гапира кетди:
— Сен учун йўлланмани ким олади? Алоҳида таклиф қилишларини кутиб юрибсанми?
Хадича қўли билан мени четлатиб, стол томон тез ўтди.
— Ма! — деб йўлланмани узатди.
Мен уни олдим. Эрталик йўлланма яна ўша колхозга берилган эди. Юрагим муз бўлиб кетди: Асалнинг қай аҳволдалигини кўра била туриб, яна ўша ёққа бораманми... Нега ўзи доим мени колхозма-колхоз ҳайдашгани-ҳайдашган ?
Ғазабим қайнаб, қизишиб кетдим.
— Яна колхозгами? Яна гўнг-у ғишт ташишгами? Бормайман! — деб йўлланмани столга улоқтирдим. — Бас, шунча лой кечганим етар. Бошқаларни ҳам юборишсин!
— Бақирма! Нарядинг бир ҳафталик! Лозим бўлса тағин юборишади! — деди Хадича менга.
Мен эса хотиржамлик билан:
— Бормайман! — дедим қатъий.
Ҳар галгидек ҳозир ҳам Хадича бирдан шаштидан тушиб қолди.
— Хўп, майли. Мен бошлиқлар билан гаплашиб кўраман, — деди.
У столдан йўлланмани олди.
«Демак, бормайдиган бўлдимми? — дея ўйладим мен. — Энди Асални ҳам ҳеч қачон кўрмайманми?» Баттарроқ қийнала бошладим. Негадир тезда ўз ҳукмимдан қайтдим-да, яна уёққа боришга аҳд қилдим. Агар шундай қилмасам, кейин умр бўйи афсусланиб юришим менга аён бўлди. «Майли, нима бўлса бўлсин, аммо бораман!..»
— Майли, буёққа бер! — деб йўлланмани тортиб олдим.
Туйнукчадан мўралаб турган Жонтой пиқиллаб кулиб юборди-да:
— Овулдаги бувимга салом айтиб қўй! — деди. Мен ҳеч нарса демадим. Тумпгуғига боплаб туширсанг! Эшикни тарақлатиб ёпдим-да, ётоққа кетдим.
Эртаси йўлда кетаётиб чор тарафга назар ташлаб, кўзларим тўрт бўлди. Қани у? Қани энди, унинг сарвноз қомати кўрина қолса. Қизил дуррачали сарвқоматим! Эҳтимол, резина этик, отасининг камзулини кийиб олган дерсиз! Бекор гап! Мен унинг қанақа эканлигини ўз кўзим билан кўрганман! Унинг нимаси мени ром этди, қалбимни нега бунчалик ўртаяпти?
Теварак-атрофга назар ташлаб бормоқдаман. Йўқ, ҳеч қаерда кўринмайди. Бу сафар эмас, турган-битгани азоб бўлди. Қани у, уни қандай топсам экан? Овулга етдим, сўнгра қишлоқ кўчаси бўйлаб ҳайдадим, унинг ҳовлисига яқинлашарканман, машинани секинлатиб, охири тўхтадим. Эҳтимол, у уйидадир? Қандай чақираман, унга нима дейман? У билан яна учрашиш менга насиб этмас экан-да. Юкни олиб бориб ташлаш учун машинага газ бердим. Юкни туширишяпти-ю, кўнглимда ҳамон умид учқунлари ёнмоқда. Балки қайтишда учратиб қоларман? Бироқ қайтишда ҳам учратмадим. Шундан кейин машинани ферма томон бурдим. Уларнинг кўҳна фермаси анчагина чеккада, овулдан узоқда экан. У ерга етиб келиб, бир қиздан сўрадим. У, Асал йўқ, бугун ишга чиқмади, деди. «Демак, йўлда мен билан учрашмаслик учун атайин ишга чиқмаган», — деб ўйладим-да, жуда хафа бўлиб кетдим. Автобазага ғамгин бўлиб қайтдим.
Иккинчи куни яна йўлга чиқдим. Аммо энди уни учратишни хаёлимга ҳам келтирмасдим. Дарвоқе, менинг унга нима керагим бор? Агар қиз унаштирилган бўлса, уни безовта қилишдан нима фойда? Аммо негадир бундай бўлишига сира ишонгим келмасди. Ахир овулларимизда ҳанузгача қиз билан йигитни бир-бирига кўрсатмай, орқаворатдан фотиҳа қилиб юбораверадилар-ку! Бу ҳакда неча марта газеталарда ҳам ўқидим. Бироқ ёзган билан фойдаси қанча? Тўйдан кейин ноғора чалишнинг фойдаси йўқ, фотиҳани бузиб бўлмайди. Унаштирилгандан кейин гап тамом. Фотиҳани бузиш — хайрли иш эмас, икки ёшнинг турмуши бузилди, деган гап... Мана шундай ўй-хаёллар миямда чувалашиб кетганди...
Ўша кезлар айни баҳор чоғи эди. Тоғ этакларида лолалар товланарди. Болалигимданоқ мен бу чўғдек қип-қизил гулларни севардим, ялангоёқ чопқиллаб юриб қучоқ-қучоқ лола терсанг-у унга келтириб берсанг! Аммо қани энди у, топиб кўрчи...
Бир маҳал, қарасам, Асал. Кўзларимга ишонгим келмайди! Ўтган гал машинам тиқилиб қолган жойнинг нақ ўзгинасида бир четда, харсанг тош устида ўтирибди. Бировни кутиб ўтирганга ўхшайди. У чўчиб ўрнидан турди ва саросимага тушиб, бошидан дуррасини юлқиб олди-ю, қўлида ғижимлай бошлади. Асал бу сафар чиройли кўйлак ва туфли кийиб олган эди. Йўл шунчалик олис бўлса ҳам у пошнали туфли кийиб олибди. Машинани тўхтатишга шошилдим. Юрагим эса така-пука бўлиб ўйнарди.
— Салом, Асал!
— Салом, — деди у секингина.
Мен кабинага ўтиришга ёрдамлашмоқчи бўлдим, у бурилиб, йўл бўйлаб аста юриб кетди. Демак, кабинага чиқишни хоҳламаяпти. Машинанинг эшигини очганимча у билан ёнма-ён секин ҳайдаб кетавердим. Шу зайлда, у йўл чеккасида, мен эса рулда жимгина борардик. Мен нима ҳакда гапиришни ҳам билмасдим, бир пайт у:
— Кеча фермага келган сизмидингиз? — деб сўраб қолди.
— Ҳа, нима эди?
— Шунчаки ўзим. У ерга борманг.
— Сизни кўрмоқчи эдим. У ҳеч нарса демади.
Миямдан эса ўша лаънати унашиш сира нари кетмасди. Нима бўлганини билгим келарди. Аммо сўрашга тилим бормасди. Юрагим дов бермасди. Унинг нима деб жавоб беришидан чўчирдим.
Асал менга қараб қўйди.
— Ўша гап ростми?
У бош ирғади. Рул қўлимдан чиқиб кетаёзди.
— Тўй қачон? — деб сўрадим.
— Яқинда, — деди у оҳиста.
Машинани ғизиллатиб, бошим оққан томонга кетиб қолишимга сал қолди. Тезликни ошириш ўрнига аксинча қилиб қўйибман. Мотор бекорга гуриллаб айланарди. Асал чўчиб ўзини четга олди. Мен эса ҳатто ундан узр ҳам сўрамабман, ўша маҳал узр сўраш эсга келармиди.
— Энди бошқа учрашмас эканмиз-да? — дедим.
— Билмадим. Учрашмаганимиз маъқулроқ.
— Мен эса, мен барибир... Истасангиз-истамасангиз доим сизни излайман!
Биз яна жим қолдик. Эҳтимол, иккимиз ҳам бир нарса ҳақида ўйлаётгандирмиз, аммо иккимиз икки йўлдан кетаётгандек, гўё ўртамизда менинг унга яқинлашишимга, унинг эса менинг кабинамга ўтиришига имкон бермайдиган қандайдир девор тургандек эди.
— Асал! — дедим. — Мендан ўзингизни тортманг. Сизга ҳеч ҳам халал бермайман. Сизни узокдан кўриб юраман. Майлими?
— Билмадим, балки...
— Ўтиринг, Асал.
— Йўқ, майли, кетаверинг. Овулга яқинлашиб қолдик.
Шундан кейин ҳам биз учрашиб турдик, ҳар сафар учрашганимизда гўё тасодифан тўқнашиб қолгандек бўлардик. Юришимиз ҳам аввалгидек. У йўл четидан, мен эса кабинада борардим. Жуда алам қиларди, аммо нима қила олардим, бировни зўрлаб кабинага чиқариб бўлмайди-ку, ахир.
Куёв ҳақида оғиз очмасдим. Ноқулай аҳволда қолиши мумкин, қолаверса, сўрашни ҳам истамасдим. Аммо сўзларимдан тушунишимча, Асал уни яхши билмас экан. У она томондан бир оз чатишган экан, ўзи эса узоқда, тоғдаги ўрмон хўжалигида яшармиш. Бу оилалар қадимдан бир-бирлари билан қиз беришиб, қиз олишиб, шу билан авлодма-авлод қариндош-уруғчилик алоқаларини сақлаб келишаркан. Бизда эса бундай уруғ-аймоқчилик жуда ҳурмат қилинади. Асалнинг ота-онаси уни бегонага беришни хаёлларига ҳам келтирмасди. Мен ҳақимда сўз ҳам бўлиши мумкин эмасди. Мен ким бўлибман? Аллақандай келгинди, таг-зотининг тайини йўқ бир шофёрман-да. Очиғини айтганда ўзим ҳам қиздан умидвор бўлиб оғиз очолмаган бўлардим.
Ўша кунлари Асал камгап бўлиб қолди. Ғам-ғусса чекиб, доим алданималар ҳақида ўйлаб юрарди. Менинг эса бутун умид ва ишончларим совурилган эди. Унинг такдири ҳал бўлмоқда, учрашиш ҳам бефойда эди. Бироқ биз худди ёш болалардек, гапиришганда бу ҳақда сўз очмай, четлаб ўтардик ва у билан шу тахлитда учрашавердик, чунки учрашмасдан туролмас эдик. Иккаламизга ҳам бусиз яшаш мумкин эмасдек туюларди. Аммо бизни олдинда нималар кутаётганини тасаввур ҳам қила олмасдик.
Орадан беш кун ўтди. Шу куни эрталаб автобазада йўлга тайёргарлик кўраётган эдим. Бир ўртоғим келиб, сени диспетчерхонага чақиришяпти, деди. Чопиб кетдим.
— Суюнчи бер! — деди қувонч билан Хадича. — Сени Синцзян йўлига ўтказишди!
Мен турган еримда қотиб қолдим. Синцзянга мени биринчи марта юбораётганлари йўқ эди. Шундай бўлиши турган гап эди, аммо кейинги кунларда менга умрбод колхозга қатнашим шартдек бўлиб қолганди.
Хитойга қатнаш кўп кунлик йўл, ким билсин, Асални кўришга вақт топа олармикинман. Уни хабардор қилмасдан тўсатдан ғойиб бўлиб кетаманми?
— Сенга маъқул тушмади дейман-а? — деди Хади-ча.
— Колхоз нима бўлади? — дедим ҳаяжонланиб. — У ердаги ишлар ҳам тамом бўлгани йўқ-ку.
Хадича елкасини қисиб қўйди:
— Уёққа боришни илгари ўзинг истамаган эдинг-ку. «Оббо, қўлга туширди-ю!» — деб ўйладим мен ва жаҳлим чиқиб:
— Илгари истамаган бўлсам истамагандирман-да! — дедим.
Стулга ўтирдим, нима қилишимни билмай қолдим.
Жонтой югуриб кириб келди. Маълум бўлишича, менинг ўрнимга уни колхозга юборишаётган экан. Мен сергакланиб турдим. Жонтой бош тортса керак, чунки қишлоққа қатнаганда норма камайиб кетар эди. Бу эса қўлга оз пул тегади деган сўз. Аммо у, билмадим, нима учундир, йўлланмани олди, яна бунинг устига мамнун бўлиб:
— Хоҳлаган томонингга юборавер, Хадича, дунёнинг нариги чеккасига бўлса ҳам майли! Ҳозир овулда қўйларнинг айни қўзилаётган пайти, сенга ҳам олиб келайми? — деди. Кейин буёкда мен ўтирганимни кўриб: — Кечирасан, халақит бердим шекилли, — деб қўйди.
— Йўқол бу ердан! — деб ўшқирдим бошимни кўтармасдан.
— Хўш, нега ўтирибсан, Илёс! — деб елкамга туртди Хадича.
— Колхозга мен боришим керак, мени юбор, Хадича! — деб илтимос қилдим ундан.
— Акдинг жойидами ўзи, иложим йўқ, наряд тамом бўлган, — деди-да, менга ташвишланиб тикилди. — Намунча колхозга қатнагинг келиб қолди?
Мен ҳеч нарса демай, чиқиб кетдим. Гаражга келдим. Жонтой мени масхара қилгандек ёнимдан машинасини ғизиллатиб ўтиб кетди, қаноти билан уриб кетишига сал қолди.
Машина ёнида алламаҳалгача ивирсиб юрдим, аммо бирон илож топа олмасдим. Юк ортиладиган станцияга бордим. У ерда бир тўда шофёрлар навбат кутиб туришган эди.
Ўртокларим папирос чекишамиз, деб чақиришди, аммо мен кабинадан чиқмай ўтиравердим. Кўзимни юмдим-у Асалнинг йўлда мени беҳуда кутиб ўтирганини кўз ўнгимга келтирдим. Бир кун кутар, икки кун, уч кун... Сўнг менинг ҳақимда нима деб ўйлаши мумкин? Қўрқоқ, қочиб қолди, деб ўйласа-я!
Менинг навбатим эса яқинлашмоқда эди. Олдимдаги машинага юк орта бошлашди. Кран қандайдир катта-катта яшикларни кузовга туширмоқда. Яна бир оздан кейин кран остига менинг машинам туриши керак. «Кечир мени, Асал! — деб ўйладим мен. — Кечир, мени, гўзалим, сарвқоматим! Сени огоҳлантиролмадим!» Аммо шу пайт тўсатдан миямга оддийгина бир фикр келиб қолди: ахир мен у ёққа аллақачоноқ бориб унга айтиб қайтишим мумкин эди-ку. Йўлга бир неча соат кечикиб чиқсам, осмон қулаб ерга тушмас?
Автобаза бошлиғига кейинчалик тушунтирарман, балки тушунар, тушунмаса бир оз койир, ҳайфсан эълон қила қолар ёки жуда зўр келса ишини олар. Аллақачон шундай қилишим керак эди! Кетдим!
Машинамни орқага юргизмоқчи бўлиб, дарҳол моторни юргиздим. Аммо ортимда машиналар тирбанд эди. Бу орада олдимдаги юк ортилган машина ўз жойини бўшатди. Навбат менга келди. Мен сал ҳаяллаб қолдим.
— Машинангни келтир! Ҳей, сен! — деб бақирди кранчи менга қараб.
Юк олиш учун машинамни оддинга силжитдим. Краннинг хартуми тепамга яқинлашиб келмоқда. Бўдди, иш тамом! Экспорт юки билан бирон ёққа жилиб кўр-чи. Нега ахир шуни илгарироқ ўйлаб кўрмабман-а? Сафарга жўнатувчи киши келиб, ҳужжатларга белги қила бошлади. Мен кабинанинг орқа деразачасига қарадим. Тепадан кузовга контейнер тебраниб тушмоқда эди. У борган сари кузовга яқинлашиб келаверди.
Ана шунда мен:
— Пўшт! — деб қичқирдим-да, машинани шиддат билан контейнер остидан олиб қочдим. Хайриятки, мотор ўчирилмаган эди. Орқадан қичқириқ, ҳуштак ва сўкиш овозлари эшитилди. Бироқ мен эътибор бермасдан машинани омборлар, тахлаб қўйилган ёғочлар ва кўмир уюмлари ёнидан ғизиллатиб борардим. Пастқам йўллар билан шаҳардан чиқиб олдим ва тоғ этагига, кимсасиз йўлга етиб келгач, рулга маҳкам ёпишиб оддим. Машина елиб борарди, «ЗИЛ» гоҳ у томон, гоҳ бу томон чайқалиб кетарди. Аммо биз бунга кўникиб қолган эдик.
Кўп ўтмай Жонтойни қувиб етдим. Оддинга ўтиб кетмоқчи бўлиб сигнал бердим. У кабинадан бошини чиқариб хўмрайиб қаради. Довдираб қолиб, кўзлари қинидан чиқиб кетаёзди: мени таниди. Аблаҳни қаранг! Бировнинг шошилаётганини кўриб тургандан кейин унга йўл бериш керак-да. Аммо у-чи, йўл бергиси келмайди, бошимни айлантирмоқчи. Шунда мен машинани четга бурдим-да, уни тўғри пайкал билан қувиб боравердим. Жонтой ҳам машинасини қистай бошлади. Энди у йўлга чиқиб олишга имкон бермасди.
Биладики, атрофда ҳаракат қоидаларини бузганлиги учун жавобгарликка тортадиган бирон кимса йўқ. Бунинг устига, ҳозир уни ҳеч нима қила олмаслигимни билади. Шу зайлда учиб борардик: у йўлда, мен пайкал ичи билан. Иккаламиз ҳам рулга ёпишиб олганмиз, йиртқичлардек бир-биримизга кўз олайтирамиз, сўкинамиз.
— Сен қаёққа? Нега? — деб бақирди у менга. Мен унга мушт ўқталиб дўқ қилардим. Ҳарҳолда менинг машинам юксиз эди. Уни қувиб ўтдим, орқамга қайрилиб қарасам, у энди шошмай, тинчгина келарди. Ҳа, иблис, менга деса баттар бўл.
Асални ҳеч қаерда учратолмадим. Овулга келиб, машинани уларнинг ҳовлиси олдида тўхтатдим. Худди пиёда чопиб келгандек нафасим бўғзимга тиқила бошлади. Ҳовлида ҳам, кўчада ҳам ҳеч ким кўринмасди. Фақат эгарланган отгина қозиққа боғлокдик турарди, холос. Нима қилсам экан? Кутишга аҳд қилдим. Машинани кўриб кўчага чиқар, деб ўйладим ўзимча. Гўё бир нарсани тузатаётгандек моторни очиб, у ёқ-бу ёғини қарай бошладим, аммо ўзим эшикдан кўзимни узмасдим. Унчалик узоқ кутмадим: эшик очилиб, ичкаридан Асалнинг онаси ва тўладан келган, қора соқолли, икки қават тўн кийган чол чиқди. Қўлида ажойиб қамчи. Афтидан, у ҳозиргина чой ичган бўлса керак, терлаб-пишиб, бўрсиб кетганди. Улар от боғланган қозиққа яқинлашдилар. Асалнинг онаси иззату икром билан узангини ушлаб туриб, чолнинг эгарга чиқиб олишига ёрдамлашди. Билсам у совчини кузатаётган экан.
— Биз сиздан хурсандмиз, қуда! — деди у. — Аммо биздан ҳам кўнглингиз тўқ бўлсин. Ўз қизимиз учун ҳеч нарсани аямаймиз. Худога шукур, қўлимиз қуруқ эмас.
— Э,-е, бойвучча, хафа бўлмаймиз, — деди у эгарга тузукроқ ўрнаша туриб. — Олло таоло ёшларга умр берсин. Яхшилик қилсак бегонага эмас, ўз фарзандларимизга қиламиз. Худога шукур, биринчи марта қудалашаётганимиз йўқ. Хўп, омон бўл, бойвучча. Шундай қилиб, жума кунига келишдик-а!
— Ҳа, жума куни кутамиз. Жума — улуғ кун. Оқ йўл сизга. Қудамга салом айтинг!
«Нега улар жума куни ҳақида гапириб қолиш-ди?» — деб ўйладим мен. «Бугун қанақа кун? Чоршанба... Наҳотки жума куни олиб кетишса? Эҳ, қачонгача эски урф-одатлар биз ёшларнинг ҳаётимизни поймол этади?»
Чол отини тоғ томон йўрттириб кетди. Асалнинг онаси отлиқ узоқлашиб кетгунча кутиб турди, сўнгра менга томон ўгирилиб, хўмрайиб қаради.
— Нега бу ерда пашшахўрда бўлиб қолдинг, ҳо такасалтанг? — деди у. — Бу ер сенга карвонсарой эмас! Туёғингни шиқиллатиб қол! Қани жўна, эшитяпсанми? Сенга айтяпман.
Демак, аллақачон сезиб қолибди.
— Машинам бузилиб қолди! — дедим ўжарлик билан пўнғиллаб ва белимгача капотнинг остига шўнғиб кетдим. Йўқ, уни кўрмагунимча ҳеч қаёққа кетмайман, дердим ўзимча.
Кампир жавраб-жавраб кириб кетди.
Мен капотнинг остидан чиқдим-да, машина зинасига ўтириб олиб, чека бошладим. Қаёқдандир кичкинагина қизча пайдо бўлиб қолди. У бир оёқлаб ҳаккалаб машина атрофида гир айлана бошлади. Қизча сал Асалга ўхшарди. Унинг синглиси эмасмикин?
— Асал кетиб қолди, — деди у, ўзи эса ҳамон сакраб-сакраб ўйнарди.
— Қаёққа? — деб ушлаб олдим уни. — Қаёққа кетди?
— Мен қаёқдан билай! Қўйвор! — деб қўлимдан юлқиниб чиқди-да, қочиб кетаётиб тилини кўрсатиб қўйди.
Капотни тақ этиб ёпиб, рулга ўтирдим. Қаёққа борай, уни қаердан излай? Вақт ўтиб кетяпти, қайтишим керак. Мен орқага қайтдим, даштга етиб келиб, ариқдан ўтиш жойида машинани тўхтатдим. Нима қилиш кераклигига сира ақлим етмасди. Кабинадан тушдим-да, ерга ағанаб ётдим. Юрагим сиқила бошлади. Асални ҳам топа олмадим, сафарни ҳам барбод қилдим. Орқага қайтишнинг фойдаси йўқ. Бўлар иш бўдди. Нима бўлса бўлар. Ўйга ботдим, кўзимга ҳеч нарса кўринмас, қулоғимга ҳеч нарса эшитилмасди. Шу кўйда қанча вақт ётдим, билмайман. Ҳарқалай, анчагина ётган бўлсам керак. Кейин, нима учунлигини ҳали ҳам билмайман: бир маҳал бошимни кўтардим.
Машинанинг нариги томонида туфлича кийган оёкдар тўхтади. Ўша! Дарров танидим. Шундай қувониб кетдимки, ўрнимдан туролмай, чўккалаганча ўтириб қолдим. Бу сафар ҳам биз ўша жойда — биринчи марта учрашган ерда кўришдик.
— Йўлингдан қолма, кампир! — дедим машина остидан «туфличалардан» кўз узмай.
— Ҳеч ҳам кампир эмасман-да! — деб ҳазилга ҳазил билан жавоб қайтарди Асал.
— Кимсан бўлмаса?
— Қиз боламан?
— Қиз боламан? Чиройлимисан?
— Қараб кўринг-чи!
Иккаламиз ҳам бараварига кулиб юбордик. Мен сакраб туриб, унга томон отилдим. У ҳам менга қараб югурди. Юзма-юз тўхтадик. Бахтиёр болалардек қувнаб кулардик.
— Гўзалларнинг гўзали! — дедим мен. Қўлтиғида иккита китоб, эгнида калта енгли кўйлак, юзлари гул-гул ёниб, шабадада тебраниб турган нозиккина сарв дарахтига ўхшарди у.
— Менинг бу ердалигимни қаёқдан билдинг?
— Кутубхонадан келаётган эдим, қарасам, йўлда сизнинг машинангизнинг излари!
— Ростданми?
Мен учун бу «севаман» сўзидан ҳам азизроқ, қимматлироқ эди. У ҳам менинг ҳақимда ўйлар экан, ҳатто машинамнинг изини ҳам таниркан, демак, мени севар экан-да. Орқадаги чап ғиддиракнинг покришкаси икки хил эди, қиз ана шундан хабардор экан.
— Мен изга кўзим тушиши биланоқ бу ёққа югурдим, кўнглимда сиз худди шу ерда кутиб тургандек бўлавердингиз!
Мен унинг қўлидан ушладим:
— Бу ёққа чиқ, Асал, бир оз айланамиз.
У жон деб рози бўлди. Энди у ҳам, мен ҳам гўё бутунлай бошқа одам эдик. Барча ташвишу ғам-ғуссалар унутилиб, улардан асар ҳам қолмаган эди. Кўзимизга самою ер ва иккимиздан бошқа ҳеч нарса кўринмасди, биз бахтиёр эдик. Кабина эшигини очиб, уни ўтқаздим, ўзим эса рулни тутдим.
Йўлга тушдик. Йўл бўйлаб боравердик, қаёққа ва нега — ўзимиз ҳам билмасдик. Аммо биз учун бунинг аҳамияти йўқ эди. Ёнма-ён ўтирсак, бир-биримизга кулиб қарасак, қўлга қўл тегиб турса, бунинг ўзгача гашти бор-да. Асал менинг солдатча шапкамни тўғрилаб қўйди. Мен уни икки йилдан бери кийиб юрган эдим.
— Шундай кийсангиз ярашаркан! — деди у ва эркаланиб елкамга суйкала бошлади.
Машина даштда қушдек учиб борарди. Бутун борлиқ ҳаракатга келгандек эди. Тоғлар, даралар, дов-дарахтлар — ҳамма-ҳаммаси бизни қарши олишга ошиқарди. Қаршимиздан шамол урилар — биз олға қараб елиб борардик, қуёш бизга табассум билан боқарди, чунки биз қувнаб-кулиб борардик. Ҳаво ёвшан ва гуллолаларнинг хушбўй ҳидини таратарди, чунки биз тўйиб-тўйиб нафас олаётган эдик.
Яккаю ёлғиз қабр устидаги кўҳна гумбаз харобаларида ўтирган чўл калхати кўтарилиб, қанотларини силкиб-силкиб машина билан биргама-бирга йўл бўйлаб ер бағирлаб учиб борарди.
Йўлда кетаётган икки чавандоз чўчиб кетиб, ўзларини четга олди. Кейин дағдаға билан қийқириб, орқамиздан от қўйди.
— Ҳе-е, тўхта! Тўхта — деб қийқириб, ер ўпиб чопиб келаётган отларини қамчилашарди. Уларнинг ким эканлигини билмасдим. Балки Асалнинг овулидандир. Аммо биз уларни тез чанг-тўзонда қолдириб кетдик.
Олдинда қандайдир арава йўл четига бурилди. Аравада ўтирган йигит билан қиз ўринларидан қўзғалиб чўккалашди-да, қўлларини бир-бировларининг елкасига ташлаганча иккинчи қўлларини силкиб қолишди.
— Раҳмат! — дея кабинадан қичқирдим уларга. Дашт тамом бўлиб, катта йўлга чиқиб олдик. Ғилдираклар остида асфальт ғувиллай бошлади.
Машина бизни кўл томон элтарди. Мен уни шартта йўлдан четга бурдим-да, тўппа-тўғри қўриқ ерга солдим, ўт-ўланларни босиб-янчиб қирғоққа томон ҳайдадим. Тепаликда, нақ сув тепасида тўхтадик.
Ў, Иссиқкўл, қирғиз диёрининг сўнмас қўшиғи! Бу денгиз ошиқ-маъшуқлар ҳақидаги афсона ва қўшиқлар диёри эканлигига ишонмай бўладими, ахир. У шу дамда мавжланиб, қатра ғуборсиз, ранг-баранг товланиб турарди.
Кўкимтир тўлқинлар ўркач-ўркач бўлиб, гўё қўл ушлашиб олишгандек, сарғимтир қирғоқлар сари елиб-югурарди. Тоғлар ортида қуёш ботмоқда, сувнинг этаклари кўзни қамаштириб, пушти ранг касб этган эди. Узоқларда осмон гумбазига бош урган қорли тоғларнинг оч бинафша ранг тизмалари кўзга чалинади. Бу тизмалар устида кул ранг булутлар сузиб юрарди.
— Уни қара, Асал! Оққушлар! — деб қичқириб юбордим мен. Оққушлар Иссиқкўлга фақат кузда учиб келишиб, шу ерда қишлашади. Баҳорда эса бу ерга жуда камдан-кам келишади. Одамларнинг айтишича, булар шимолга кўчиб кетаётган жануб оққушлари эмиш. Уларнинг келиши яхшиликдан, бахтдан дарак берар эмиш...
Оққушлар галаси оқшомги кўл узра учиб юришарди, Қушлар гоҳ юқорига кўтарилар, гоҳ қанотларини ёйиб пастга сузишарди. Улар сувга қўнар, қанотлари билан шалоплатиб уриб, кўпириб турган сув томчиларини узоқларга сачратардилар-да, яна осмонга кўтариларди. Сўнгра улар турнақатор тизилиб, бир текисда қанот қоқишиб, тунамоқ учун кўрфазнинг қумлоқ соҳиллари томон учиб кетишарди.
Биз кабинада ўтириб, кўлни жимгина томоша қилардик. Гўё ҳамма нарсани ҳал қилиб қўйгандек, шундай дедим:
— Ҳу-ув анови қирғоқдаги тунука томларни кўряпсанми, у бизнинг автобазамиз бўлади. Мана бу бўлса, — деб кабинани кўрсатдим, — бизнинг уйимиз!— дедим-да, бирдан кулиб юбордим. Уни қаёққа ҳам олиб борардим.
Асал кўзларимга тикилиб, ўзини кўксимга ташлади. У менинг пинжимга тиқиларкан, ҳам йиғлар, ҳам куларди.
— Жонгинам, азизим! Менга ҳовли-жойнинг кераги йўқ! Фақат ота-онам, кейинчалик бўлса ҳам қачон бўлмасин, мени тушуниб, гуноҳимни кечиришса бўлгани. Улар мендан умрбод хафа бўлишарди, буни яхши биламан... Аммо айб мендами ахир...
Тезда қош қорая бошлади. Кўкни булутлар қоплаб олди, — кўлга сокинлик чўкиб, энди қорайиб кўринарди. Тоғ тизмаларига гўё электр пайвандчи ўтириб олгандек, бирдан ўт чақнаб, кўзларни қамаштирар ва яна ўчар эди. Момақалдироқ босиб келаётган эди. Оққушларнинг йўлларини ўзгартганлари ҳам бежиз эмас. Тоғда ёғингарчиликка дуч келишларини олдиндан сезганлар.
Мана, момақалдироқ гумбурлади. Ёмғир шаррос қуя бошлади. Кўл чайқалиб тўлқинланиб қирғоқларга урила кетди. Бу биринчи баҳор момақалдироғи эди.
Бу — бизнинг бирга ўтказган биринчи тунимиз эди. Кабина устидан, ойналардан ёмғир пақирлаб сув қуйгандек оқиб, сизиб тушарди. Олис-олисларга чўзилган оч яшил яшинлар қоп-қора кўлга сузиб тушарди. Биз эса бир-биримизнинг пинжимизга кириб, шивирлашиб гаплашардик. Асалнинг чўчиганиданми ё совуқ қотганиданми, сал титраётганини сезиб турардим. Уни камзулим билан ўраб, қаттиқроқ қучоқладим. Шунда ўзимга ўзим жуда кучли, улкан одамдек бўлиб кўриндим. Ўзимда шунчалик меҳр ва муҳаббат борлигини ҳеч қачон сезмаган эдим, бировга меҳрибонлик ва ғамхўрлик қилиш шунчалик завқли эканини ҳам билмасдим. Унинг қулоғига: «Ҳеч кимга, ҳеч қачон сени хафа қилдириб қўймайман, қизил дуррачали сарвиқоматим!» — деб пичирладим.
Ана-мана дегунча ёмғир ҳам анча шаштидан тушиб қолди. Аммо чайқалиб ётган кўл ҳамон бешик-бешик бўлиб тўлқинланар, ёмғир шивалаб ёғарди.
Мен кабина токчасидаги сафарда олиб юриладиган радиоприёмникни олдим. Ўша кезлардаги менинг топган-тутганим шу эди. Музика тинглашни жуда яхши кўраман, шунинг учун ҳам приёмникни доим ўзим билан бирга олиб юрардим. Унинг у ёқ-бу ёғини созлаб, керакли тўлқинни тутдим. Ҳозиргидек эсимда: ўша кеча театрдан «Чўлпон» балетини олиб эшиттиришмоқда эди. Балетда куйланаётган ёқимли ва кишини ўзига тортувчи қудратли музика садолари худди ўша ашулада куйланган чин севги каби тошлар оша, чўққилар оша кабинага оқиб келаётган эди. Бутун зал ҳаяжонга келган, гулдурос қарсаклар билан артистларни олқишлар, томошабинлар уларнинг номларини айтиб қичқиришар эди, эҳтимол раққос ва раққосаларнинг оёқлари остига гуллар отишаётгандир. Аммо, менимча, театрда ўтирганлардан биронтаси ҳам биз каби — тўлқинлар мавжланиб, шиддат билан қирғоққа урилаётган кўл соҳилида, шаррос ёмғир остида кабинада ўтирган ошиқ-маъшуқлар сингари завқ-шавққа тўлиб ҳаяжонланаётган бўлмаса керак. Бу бизнинг балетимиз, биринчи кечамиздаги илк балетимиз эди. Ўз бахтини излаб кетган қиз — Чўлпоннинг тақдири бизнинг қалбимизга нақадар яқин эди. Менинг Чўлпоним — тонг юлдузим мен билан бирга, ёнгинамда ўтирибди. Ярим кечага бориб у елкамга бошини қўйганча ухлаб қолади, мен эса алламаҳалгача ўзимни боса олмай, ширин хаёллар оғушига чўмдим. Унинг юз-кўзини, бетларини аста-секин силар, тиниб-тинчимас Иссиқкўлнинг қандай тўлғанаётганини, хўрсиниб чуқур нафас олаётганини тинглар, кузатар эдим.
Эрталаб биз автобазага етиб келдик. Яхшигина дакки едим. Аммо бундай қувончли воқеа муносабати билан кечирдилар. Кейинчалик менинг юк ортувчи кран остидан қандай қочиб қолганимни эслашиб, анчагача кулиб юрдик.
Мен сафарга — Хитойга жўнашим керак эди. Асални ҳам ўзим билан бирга олволдим. Уни йўлда дўстим Алибек Жонтуриннинг уйида қолдирмоқчи бўлдим. У оиласи билан бирга довондаги базада, Нориннинг шундай ёнгинасида яшарди. Бу жой чегарадан унча узоқ эмас эди. Бу йўлдан юрганда доим уникига тушиб ўтардим. Алибекнинг хотини яхши аёл эди, уни жуда ҳурмат қилардим.
Биз йўлга чиқдик. Биринчи навбатда йўл ёқасидаги магазиндан Асалга унча-мунча кийим-кечак олдик. Унинг эгнида биргина кўйлаги-ю, қўлида кутубхонадан олган икки дона китобидан бўлак ҳеч нарсаси йўқ эди. Булардан ташқари, каттакон, гулдор шолрўмол ҳам сотиб олдик. Бу ишимиз жуда яхши бўлган экан. Йўлда биринчи учраган кишимиз кекса шофёр, оқсоқолимиз Ўрмат ака бўлди. У олисданоқ менга тўхта, деб ишора қилди. Машинага тормоз бериб тўхтатдим. Кабинадан тушиб саломлашдик:
— Ассалому алайкум, Ўрмат ака!
— Ваалайкум ассалом, Илёс! Илёс! Қўлингга бахт қуши қўнибди, худойим бахт берсин, ували-жували бўлинглар! — деб фотиҳа берган бўлди менга.
— Раҳмат! Қаёқдан била қолдингиз, Ўрмат ака? — деб таажжубландим мен.
— Э, ўғлим, хушхабарнинг садағаси кетай. Бутун трасса бўйлаб оғизма-оғиз кўчиб юрибди.
— Йўғ-е! — деб баттарроқ таажжубландим.
Йўл устида туриб гаплашардик, Ўрмат ака ҳатто машинага яқин ҳам келмади. Асалга кўз қирини ҳам ташламади. Яхшиямки, буни Асалнинг ўзи фаҳмлаб қолиб, бошига рўмолини ташлаб, юзини беркитди. Шунда Ўрмат ака мамнунлик билан жилмайди-да:
— Мана бу ишинг жойида! — деди у ва кабинага яқинлашиб келиб, Асалга бокди. — Раҳмат, қизим, ҳурмат қилганинг учун раҳмат. Бундан буён сен бизнинг келинимизсан, автобазадаги ҳамма оқсоқоллар келинисан, қизим. Ҳали улар йўлда учраб қолишади. Мана, Илёс, кўрмана. Келинни қурукдан қуруққа кўрсатмайдилар, — деб у пул узатди. Мен қўлини қайтара олмадим, йўқса, хафа қилиб қўярдим.
Биз хайрлашдик. Асал ҳамон бошидан рўмолини олмасди. Одатдагича тагли-тахтли қирғиз оиласига тушган келиндек, у одамлар билан учрашганда уятчанлик билан юзини беркитарди. Ўзимиз ёлғиз қолганимизда эса ўзаро кулишардик, бошига рўмол ташлаб олган Асал менга янада гўзалроқ бўлиб кўринарди.
— Жонгинам, қани, бошингни кўтар, мени бир ўпиб қўй-чи, — дедим унга.
— Мумкин эмас, оқсоқоллар кўриб қолишади, — деди-ю, шу заҳотиёқ кулги аралаш, гўё биров кўриб қолмасин деяётгандек, эҳтиётлик билан чаккамдан ўпиб олди.
Йўлда борарканмиз, яна ҳам қизиқроқ ҳодисаларга дуч келдик. Автобазанинг трассадаги ҳамма шофёрлари учрашганда бизни қайта-қайта тўхтатишиб табриклашарди, бахт-саодат тилашарди. Уларнинг кўпчилиги йўл-йўлакай гул териб, гулдаста ясабгина қолмай, ҳатто совғалар тайёрлаб қўйишга ҳам улгуришибди. Билмадим, кимнинг ақлига келди экан бу. Бу фикрни ҳойнаҳой рус йигитларимиз ўйлаб топишган бўлса керак. Улар қишлокда тўй бўлиб қолса, машинани боплаб безатадилар. Ҳозир ҳам улар машинамизга қизил, кўк, яшил ленталар тақиб, шойи дурралар, гулдасталар ила бошладилар. Машинамиз турли-туман рангларга ғарқ бўлиб, чўғдек товланардики, эҳтимол у ўнлаб километр наридан кўзга ташланиб турган бўлса керак.
Асал иккимиз ғоятда бахтиёр эдик, мен дўстларимнинг бу илтифотидан қалбдан фахрланардим. Дўст кулфат-да синалади, дейдилар. Менимча, улар бахтли дамларда ҳам синаладилар.
Йўлда энг яқин дўстим Алибек Жонтурин ҳам учради. У мендан икки ёш катта. У — калласи катта, норғул йигит эди, ўзи анча ёш бўлса ҳам сермулоҳаза, оғир, вазмин йигит бўлиб, ажойиб шофёр эди. Базада уни жуда ҳурмат қилишарди. Алибекни профком қилиб ҳам сайлашганди. Қани, у нима деркин, деб ўйлаб турибман.
Алибек машинамизга жимгина қаради-да, бош тебратиб қўйди, сўнгра Асалга яқин келиб, қўл бериб саломлашди ва уни табриклади.
— Қани, йўлланмангни бу ёққа бер-чи! — деди у. Мен бундай кутиб олар деб ўйламаган эдим. Ҳеч нарсага тушунмай, қоғозни жимгина узатдим. У авторучкасини олди-да, йўлланмага кўндалангига тўлдириб, бурчакма-бурчак қилиб йирик ҳарфлар билан ёза бошлади: «Тўй сафари, № 167!»
— Нима қиляпсан? — деб довдираб қолдим. — Ахир бу ҳужжат-ку!
— Тарихий бўлиб сақланиб қолади! — деб кулимсиради у. — Нима, бухгалтерияда ўтирганларни одам эмас деб ўйлаяпсанми? Энди қўлингни бер! — деб мени маҳкам қучоқлаб ўпди. Биз хахолаб кулиб юбордик. Кейин машиналаримизга қараб юра бошладик, аммо Алибек мени тўхтатиб:
— Қаерда турадиган бўлдинглар? — деб сўраб қолди.
Мен елкамни қисиб қўйдим.
— Мана бизнинг уйимиз! — деб машинани кўрсат-дим.
— Кабинадами? Эҳтимол, болаларингизни ҳам ўша ерда боқарсизлар?.. Менга қара, довондаги уйимизга жойлашаверинглар, база бошлиқлари билан ўзим гаплашаман. Биз ўз уйимизга кўчиб ўтармиз.
— Уйинг ҳали битмаган-ку?
Алибек Рибачеда, автобаза яқинида уй қурмоқда эди. Бўш вақтларимда мен ҳам унга ёрдамлашиб турардим.
— Ҳечқиси йўқ! Озгина иши қолган, аммо ундан ортиқроғини умид қилмай қўя қол, ўзинг биласан, уй-жой масаласи анча чатоқ.
— Хўп, раҳмат! Бизга шунинг ўзи ҳам кифоя.
— Хуллас, бизникига тушинглар, қайтишда эса мени кутиб тура тур. Мен етиб келаман, кейин хотинларимиз билан ҳамма нарсани ҳал этиб оламиз! — деб Асал томонга қараб кўз қисиб қўйди.
Ҳа, энди тузлиқ тўрва бўйинга илинди.
— Тўй сафарингиз хайрли бўлсин! — деб қичқириб қолди Алибек орқамиздан. Оббо хумпар-е! Сафаримиз тўй саёҳати эканига ўзимизнинг ҳам фаҳмимиз етмабдия.
Ҳамма ишимиз ўнгидан келаётганига биз хурсанд эдик. Фақат бир учрашувгина кайфиятимни бир оз бузди.
Йўлда, муюлишлардан бирида тўсатдан олдимизда Жонтойнинг машинаси чиқиб қолди. У қаёқдандир келаётган эди. У ёлғиз эмас эди. Кабинада Хадича ўтирарди. У менга қўл силкиб қўйди. Мен машинага шартта тормоз бердим. Машиналар борти бортига яқинлаб тўхтади. Жонтой деразадан калласини чиқариб:
— Намунча ясан-тусан қилиб олибсан, тўйми дейман? — деди.
— Тўй бўлганда қандоқ! — дедим мен.
— Йўғ-е? — деб ишонқирамай сўради у чўзиб ва Хадичага қараб қўйди. — Биз бўлсак сени излаб юрибмиз! — деган сўз оғзидан чиқиб кетди унинг.
Хадича қандай ўтирган бўлса, шундайича ҳангу манг бўлиб, ранги ўчиб, қотиб қолганди.
— Салом, Хадича! — дедим унга хушмуомалалик билан. У жимгина бош ирғаб қўйди.
— Ҳали ёнимдаги қайлиғим дегин? — нима гаплигини эндигина англаган эди Жонтой.
— Йўқ, хотиним, — деб эътироз билдирдим-да, Асалнинг елкаларидан қучоқладим.
— Э, ҳали шунақа де? — деб Жонтой кўзларини баттарроқ олайтирди. У хурсанд бўлишини ҳам, хафа бўлишини ҳам билмасди. — Э-е, табриклайман, чин қалбимдан табриклайман...
— Раҳмат!
Жонтой разилона тиржайиб:
— Жуда учар экансан! Қалинсиз қўлга туширгандирсан-а? — деди.
— Аҳмоқ! — деб сўкдим уни машинани ҳайдаётиб. Аблаҳни қаранг-а! Шунақа одамлар ҳам бўладида дунёда. Яна ҳам боплаб сўкмоқчи бўлдим. Кабинадан бош чиқариб қарадим: олдинда йўл сўл томонга кескин бурилади-да, тепаликка кўтарилади. Шундай қарасам, Жонтой машина ёнида туриб, чаккасини қашлаб, Хадичага алланималар деб қичқириб, мушт ўқталиб дўқ урарди. Хадича бўлса йўлдан четга, дала томонга югуриб кетяпти. Чопиб-чопиб бориб, гуп этиб йиғилди-да, бошини қўллари билан бекитди. Ораларида нима гап бўлганини билмасам ҳам кўнглим ғаш бўлди, гўё бунга мен ҳам айбдордек, унга раҳмим келди, ичим ачиди. Асалга ҳеч нарса демадим. Унинг кайфиятини бузгим келмади.
Бир ҳафтадан кейин Алибек хотини билан яшаган довондаги уйга жойлашиб олдик.
Уйчамиз унча катта эмас эди: икки хона ва бир даҳлиз. Бундай уйлардан у ерда бир нечта эди. Уларда шофёрлар оилалари билан ҳамда ёнилғи пунктининг ишчилари яшарди. Уйимиз тор бўлишига қарамай, яхши жой эди, йўлнинг шундай ёқасида, Норин дарёси ҳам жуда яқин эди. Ҳарқалай, област марказида. Кинога, магазинга бориб келиш жуда ўнғай, касалхона ҳам бор... Яна шу жиҳатдан ҳам қулай эдики, довондаги бу база йўлнинг қоқ ўртасида эди. Биз асосан Рибачье билан Синцзян ўртасида қатнардик. У томонга ўтганда ҳам, бу томонга ўтганда ҳам йўл-йўлакай уйга тушиб дам олиш, ҳатто тунаб қолиш ҳам мумкин эди. Мен деярли ҳар куни уйга кириб ўтардим. Мабодо йўлда тутилиб қолсамда, барибир ярим тунда бўлса ҳам уйга етиб келардим. Асал доим мени кутиб ўтирарди, хавотирланарди, то келгунимча мижжа қоқмасди.
Биз энди уй-рўзғор учун зарур унча-мунча буюмларни сотиб ола бошладик. Хуллас, турмушимиз аста-секин яхшиланиб бормоқда эди. Асал ҳам ишлаши керак, деган қарорга кеддик. Унинг ўзи қаттиқ туриб олди: овулда туғилиб-ўсган эмасми, иш жон-дили эди. Аммо кутилмаганда янги бахтга эришдик: Асалнинг она бўлишига оз қолган эди. Негадир, биз буни ҳадеганда пайқамабмиз. Асалнинг кўзи ёриган куни мен Хитойдан қайтиб келаётган эдим. Жуда шошилиб, ҳаяжонланиб кетяпман. Асал Нориндаги туғуруқхонада ётган эди. Келсам, ўғил туғибди.
Унинг олдига кирмоқчи бўлдим, бироқ ҳар қанча тушунтирсам ҳам қўйишмади. Лекин барибир хурсанд эдим. Машинага ўтирдим-да, тоғма-тоғ ғизиллатиб ҳайдаб кетдим. Ўзимни тута олмай, машинани тобора қаттиқроқ қувардим. Бу қишда бўлган эди. Теварак-атрофда фақат қорли қоялар. Атрофимдан оқ, қора ранг ғириллаб ўтаверганидан кўзларим жимирлашиб кетарди. Дўлан довонининг тепасига елдек учиб чиқдим. Осмонўпар улкан баландлик, булутлар ер бағирлаб сузиб юргандек эди, пастдаги азамат тоғлар ҳам унинг қаршисида пак-пакана бўлиб кўринарди. Мен кабинадан сакраб тушиб, дара ёқасига чопиб бордим ва соф ҳаводан ўпкамни тўлдириб нафас олдим-да, бутун олам эшитгудек қилиб қичқирдим:
— Э-й, тоғлар! Мен ўғил кўрдим!
Назаримда, тоғлар ҳам ларзага келгандек бўлди. Улар менинг сўзларимни такрорлади ва дарадан-дарага таралиб, узоқ вақтгача акс садо бериб янграб турди.
Ўғилчамизни Самад деб атадик. Унга мен шундай деб ном қўйдим. Самад бизнинг эрмагимиз бўлиб қолди: Самад, бизнинг Самад жилмайди, унинг тишчалари чиқиб қолди. Хуллас, ҳамма ёш ота-оналардек биз ҳам уни севиб ардоқлар эдик. Биз бир-биримизни севардик, аҳил ва иноқ яшардик, сўнгра эса... Сўнгра бахтсизлик юз берди...

* * *

Бу бахтсизликка қандай йўлиқиб қолганимни ҳозир қайтадан баён этиш анча мушкул. Ҳаммаси аралаш-қуралаш бўлиб, чигаллашиб кетди... Ўзим-ку, биламан-а, аммо бундан нима фойда...
Бу одам билан ҳеч қачон учрашмаган эдик. Унинг бу ишларга ҳеч қандай алоқаси ҳам йўқ эди. Мен буни шунинг учун гапиряпманки, ҳақиқатан ҳам на у, на мен бир-биримизнинг бу ёруғ дунёда шундай яшаётганимизни билмас эдик. Бир куни йўлда тасодифан учрашиб қолдик ва бу бизнинг сўнгги учрашувимиз эмаслигига ўзимиз ҳам шубҳа қилмай ажралишган эдик. Бор гап шу...
Кеч кузда сафарга кетмоқда эдим. Ҳаво кишини зериктирадиган тунд эди. Осмондан қорми, ёмғирми, қандайдир майда заррачалар ёғарди. Туман худди сумалак сингари тоғ ёнбағирлари бўйлаб чизилиб кетган эди. Бутун йўл бўйи кабина ойнасини артиб турадиган чўткани муттасил ишлатиб қўйишга тўғри келди. Мен тоғ оралаб хийла ичкарига кириб бориб, Дўлан довонига яқинлашиб қолган эдим.
Эҳ, Дўлан, Дўлан, Тянь-Шаннинг баҳайбат бели! Умримнинг қанчадан қанча саҳифалари у билан боғлиқ! Қатнов йўлимизнинг энг оғир, энг хавфли қисми ҳам шу ер эди. Йўл илонизи бўлиб, гоҳ у ёққа бурилади, гоҳ бу ёққа. Чархпалакда учгандек тобора қиялаб юқорига кўтарилиб, булутларни ғилдирак билан янчиб ўтаётгандек бўласан. Гоҳ сени ўтирғичга сиқиб, орқага жипслаб қўяди, гоҳ рулга ёпишганингча машина сени пастга олиб қочади. Бунинг устига қутурган туядек ҳавосини айтмайсанми. Ёзми-қишми, Дўланда, барибир. Бир зумда дўлми, ёмғирми савалаб кетади ёки бўлмаса, шунақаям қор бўрони туриб берадики, бир қадам наридаги нарсани ҳам кўра олмайсан. Мана шундай бизнинг оқ сочли Дўлан!.. Аммо биз тян-шанликлар унга кўникиб қолганмиз, кўпинча, тунда қатнардик... Мен буларни ҳозир ҳикоя қилиб беряпман, у ердан қатнаб юрган пайтларда эса бу ҳакда ўйлашга ҳам вақтинг бўлмасди.
Дўлан яқинидаги даралардан бирида юк машинасига қувиб етиб олдим. Бу «ГАЗ-51» машинаси эканлиги аниқ ёдимда. Тўғрироғи, қувиб етганим йўқ, унинг ўзи тўхтаб турган экан. Икки киши моторни текшириш билан овора эди. Улардан бири йўл ўртасига бамайлихотир чиқди-да, қўлини кўтарди. Йўлни тўсиб қўймаслик учун улардан ўтиброқ тўхтадим. Олдимга жиққа ҳўл брезент плаш кийган, бошига капюшон ёпинган киши келди. Ёши қирқларга бориб қолган, қўнғир мўйлови солдатчасига чўткасимон қилиб қирқилган, қовоғи солиқроқ, кўзлари эса мулойим тикиларди.
— Йўл участкасига элтиб қўй, йигит, — деди у менга. — Мотор ишламай қолди, трактор келтирамиз.
— Қайси участкага? — деб сўрадим. Чунки йўл тузатиш участкалари кўп эди, бундай участкалар деярли ҳар ўн беш-йигирма километрда бўларди.
— Дўландаги метеостанцияга етмасдан бир оз берирокдагисига.
Метеостанция довоннинг энг баланд ерида, йўл тузатиш участкаси эса етти километрлар чамаси пастда, йўлдан сал четроқда, бурилишда жойлашган эди.
— Ўтиринг, — дедим, — олиб бориб қўяман. Балки ўзимиз бирор иложини топармиз? — деб кабинадан чиқдим. Улар трактор деб то кеч киргунча сарсон бўлмасин учун бир амаллаб ёрдам бергим келди. Йўл тузатувчиларга азбаройи ҳурматим туфайли шундай қилгим келарди: ахир улар албатта биз учун заҳмат чекяптилар-да.
— Нима ҳам қила олардинг, олов олмаётибди, — деди шофёр очиқ турган капотни бекитаркан, маъюслик билан. Бечора совуқ ёб, жунжикиб, кўкариб кетибди. Бу ерлик шофёрлардан эмаслиги кўриниб турибди, пойтахтдан келаётган бўлса керак. У довдираб атрофга алангларди. Улар участкага Фрунзедан нимадир олиб келишаётган эди. Нима қилиш керак? Миямга бир қизиқ фикр келиб қолди. Аввал довонга бир қараб қўйдим. У ёқда ҳавонинг авзойи бузуқ, булутлар пастлаб сузарди. Ниҳоят бир қарорга келдим. Ўйлаган фикрим жуда зўр бўлмаса ҳам мен учун ўша пайтда ғоят катта революцион воқеа бўлиб кўринган эди.
— Тормозинг жойидами? — деб сўрадим шофёрдан.
— Ана холос... тормозсиз юриб бўладими! Мотор ишламаяпти деяпмиз-ку сенга!..
— Троссинг борми?
— Хўш, бўлса-чи!
— Буёққа келтир, машинамга ула.
Иккаласи ҳам жойларидан жилмай, ишонқирамагандек менга тикилиб туришарди.
— Нима бало, ақлингдан оздингми? — деди шофёр секингина.
Характерим шунақа, билмадим, бу яхшими, ёмонми. Бироқ бундан қатъи назар, миямга бир фикр келдими, бўлди, куйиб-ёниб кетсам ҳам барибир уни амалга оширмагунча қўймайман.
Мен шофёрга ялиниб-ёлвора бошладим.
— Жон дўстим, кел, улай қолайлик? Худо урсин, етказиб қўяман.
— Қўйсанг-чи! — деб қўл силтади у. — Нима, бу ерда шатакка олиш мумкин эмаслигини билмайсанми. Буни ўйламай ҳам қўя қол. Бор, йўқол, йўлингдан қол-ма!..
У гўё энг муҳим ва энг катта илтимосимни рад қилгандек, шунақаям алам қилдики менга.
— Эҳ, эшшак, қўрқоқ! — деб машинамга қараб юрдим. — Қани, юринг, кетдик! — деб чақирдим мўйловли кишини. Кейинроқ билсам, у йўл тузатадиган усталардан экан.
— Тура тур! — деб тўхтатди мени йўл тузатувчи ва юзимга бир тикилди-да, шофёрга қараб:
— Троссни келтир, — деди. У каловлаб қолиб:
— Ўзингиз жавоб берасиз, — деди йўл тузатувчи-га. — Машина сизнинг ихтиёрингизда, Бойтемир ака.
— Ҳаммамиз жавобгармиз! — деди у қисқа қилиб. Менга бу гап ёқиб қолди. Бундай кишиларга тезда ҳурматинг ортади.
Биз ҳалиги машинани шатакка олиб йўлга тушдик. Дастлаб дурустгина юриб боравердик. Сўнгра Дўланга яқинлашаверганимиз сари йўл ҳам тобора юқорига — тоққа томон кўтарилиб, гоҳ ёнбағирлар бўйлаб, гоҳ тик қиялик бўйлаб пастлаб борарди. Юриш қийинлашди. Мотор инграб, қулоқ остида фақат гувиллаган овозгина эшитиларди. Йўқ, қанчалик нолиш қилиб инграма, барибир бор қувватингни ишга соламан. Дўланда юриш қанчалик мушкул бўлмасин, барибир машиналарда озми-кўпми ортиқча қувват сақланиб қолишини илгаридан пайқаб юрардим. Йўлнинг ёмонлигини назарга олиб, ҳамма вақт нормадаги юкнинг етмиш фойизини юклашар эди. Кўрсатма шундай эди. Лекин ўша пайт мен бу ҳақда ўйламагандим, албатта. Ўйлаб ўтиришнинг вақти ҳам эмасди-да. Кураш олдидан спортчиларда ғалабага зўр ишонч кучи пайдо бўлганидек, менда ҳам ҳозир худди шунингдек мўжизакор куч жўш урарди. Ўйлаган фикримни синаб кўриш, мақсадга эришиш, машинани манзилга етказишда уларга ёрдамлашишдан бўлак мақсадни кўзламасдим. Аммо буни амалга ошириш осон иш эмас экан.
Остимдаги машина қалт-қалт титраб, зўриқиб, сўнгги кучларини сарфламоқда эди. Нам ҳаво кабина ойналарига урилиб, уни хиралаштирар, тозалов чўткаси зўрға артиб улгурарди. Қаёқдандир булутлар ёпирилиб келиб, нақ ғилдираклар остида ўрмалашиб, йўл узра суза бошлади. Йўл ҳам муюлишларда тикка кўтарилиб кескин бурилиб кетарди. Қаёқдаги ишни бошлаб қўйганим учун ўзимни ўзим койий бошладим: одамларга шикаст етказиб қўймасам эди. Машинадан кўра ўзим кўпроқ қийналиб кетдим. Уст-бошимни: шапка, фуфайка, камзул, тўр кўйлагимни — ҳаммасини ечиб ташладим. Биргина кўйлақда ўтирибман-у ҳаммаёғимдан худди ҳаммомда ўтиргандек буғ кўтариларди. Ҳазил ишми: шатакдаги машинанинг ўзи қанча-ю, устига-устак яна озмунча юки борми, яхшиямки, Бойтемир зинада турганди. Менга овоз билан орқадагига имо-ишора қилиб, ҳаракатни бошқариб борарди. Қинғир-қийшиқ, паст-баланд йўллар бўйлаб тирмашиб, ўрмалаб борарканмиз, ҳойнаҳой фалокатдан ўзини саклаб қолиш учун сабр-тоқати чидамай, охири сакраб тушиб қолса керак, деб ўйлаган эдим. Аксинча, у қимир ҳам этмади. Тоғ тепасига қўнган бургутдек маҳкам ўрнашиб олиб, кабинага ёпишиб турарди. Унга қарадим: юзлари гўё тошдан йўнилгандек осойишта, сув томчилари бетларидан, мўйловидан сирқиб тушиб, кўнгли енгил тортаётгандек эди.
Биз яна бир катта қияликдан ошсак, маррага етардик. Шу пайт Бойтемир деразага энгашиб:
— Эҳтиёт бўл, олдинда машина келяпти! Ўнгроққа ол, — деди.
Мен машинани ўнгроққа олдим. Тоғ тепасидан юк машинаси тушиб келаётган эди. Жонтойники! Энди тамом, хавфсизлик инженери роса боплайдиган бўлди: Жонтой чақиб беради. У борган сари яқинлашиб келмоқда эди. Рулга ёпишиб олган, хўмрайганча пастга томон тушиб келарди.
Биз ёнма-ён келиб қолдик. Кабина деразалари рўбарў келганда Жонтой ўзини орқага олди ва малларанг тулки тумоқли бошини таънаомуз тебратиб қўйди. «Ҳе, иблис! Тилинг қичиган бўлса, оғзингга сиққунча гапиравер!» — деб ўйладим ичимда.
Тепаликка ҳам чиқиб олдик, йўл пастга томон жуда қиялаб кетарди, довондаги ана шу сўнгги маррани ҳам қўлга киритсак, йўл тузатиш участка ҳовлисига буриламиз. Машинани ўша томонга бурдим. Ҳарҳолда судраб олиб келдимку! Моторни ўчирдим, қулоғимга ҳеч нарса кирмасди. Қулоғим битиб қолибди. Назаримда, мен эмас, балки бутун борлиқ чуқур уйқуга чўмгандек бўлди. Чурқ этган овоз йўқ, Бойтемир ерга сакраб тушгандагина қулоғим эшита бошлади. Кабинадан аранг судралиб чиқдим ва шу заҳотиёқ зинага ўтириб қолдим. Нафасим қисиларди, мадордан кетган эдим, бунинг устига довоннинг ҳавоси сийрак эди. Бойтемир югуриб келди-да, елкамга фуфайкани ташлаб, бошимга шапкани бостириб кийгизди. Нариги машинадан ранги оқариб, дами ичига тушиб кетган ҳалиги шофёр ҳам секингина оқсоқланиб келаверди. У олдимда чўққайиб ўтирди-да, сигарета узатди. Қўлларим қалтираб, сигаретани олдим. Ҳаммамиз чекиб олганимиздан сўнг ўзимизга келдик. Менда яна ўша лаънати ёввойи куч жўш уриб кетди.
— Ҳе-е, қалай! — дедим мен. — Кўрдингми! Шофёрнинг елкасига бир туширгандим, у ўтириб
қолди. Сўнг учовимиз ҳам ўрнимиздан сакраб турдик-да, бир-биримизнинг орқамизга, елкамизга тушира кетдик. Ўзимиз эса қаҳқаҳлаб кулиб, алланималар деб қувонч билан қичқириб, бақиришиб тўполон кўтардик... Ниҳоят тинчланиб, яна чека бошладик. Мен кийимларимни кийиб, соатимга қарадим-у кетишим кераклиги «лоп» этиб эсимга тушиб қолди.
— Хўп, мен борайин! — дедим. Бойтемирнинг қовоғи осилди:
— Йўқ, уйга кирамиз, меҳмонимиз бўласан! — деди.
Менинг эса бирон дақиқа ҳам вақтим йўқ эди.
— Раҳмат! — деб миннатдорчилик билдирдим. — Иложим йўқ. Уйимга кириб ўтмоқчиман, хотиним кутиб ўтиргандир.
— Қола қолсанг нима бўларди? Бир шишани қоқиб ташлардик, — деди кўндирмоқчи бўлиб янги дўстим шофёр йигит.
— Қўй, зўрлама! — деб унинг сўзини бўлди Бойтемир. — Хотини кутаётган экан. Исминг нима сени?
— Илёс.
— Майли, боравер, Илёс. Раҳмат сенга, бизни қутқарганинг учун.
Бойтемир машина зинасида туриб мени то йўлгача кузатиб қўйди. У индамай қўлимни қисди-да, машинадан сакраб тушиб қолди.
Тоғ тепасига кўтарилаётиб, кабинадан бошимни чиқариб қарадим. Бойтемир ҳамон йўлда турарди. Қўлида шапкасини ғижимлаб, калласини қуйи солганича алланималар ҳақида ўйларди.
Бор гап шу, ана шундай қилиб биз ажрашдик.
Аммо ўша кеча туни билан қийналиб чиқдим. Шамоллаб қолган эканман. Уйга келганимда ҳеч нарсани сезмаган эдим. Тезда овқатланиб олдим. Асалга воқеани батафсил гапириб ўтирмадим. Лекин йўлда одамларга ёрдамлашганим учун кечикиб қолганимни айтдим, холос. Мен ўз ҳаётимни қайлиғимдан яширмасдим. Аммо, менимча, бундай нарсаларнинг ҳаммасини айтавериш ҳам зарур эмас эди. У бусиз ҳам мендан доим хавотир олиб ўтирарди. Бундан ташқари, мен бундай ножўя ишларни такрорлаш ниятида ҳам эмас эдим. Ҳаётимда бундай воқеа бир бўлди, довон билан куч синашиб кўрдим, бас. Эҳтимол, йўлдан оғриб қайтмаганимда, буни эртасигаёқ унутган бўлар эдим. Уйга бир амаллаб етиб келдим-у ҳолдан тойиб йиқилдим. Нима бўлди, қандай бўлди, билмайман. Ҳадеб алаҳлардим, гўё машинани шатакка олиб, Дўланда келаётгандек бўлавердим. Кучли қор бўрони юзимга урилар, нафас ололмай қийналардим, баранка худди пахтадан ясангандек, айлантирсам қўлларимга ёпишиб қоларди. Олдинда эса чеки чегараси йўқ довон. Машина радиатори тинмай гувиллаб кўкка қараб тирмашиб борар ва яна баландликдан пастга томон шувиллаб тушиб кетар эди... Афтидан, бу касаллик довони бўлса керак. Уни мен учинчи куни енгиб, енгил торта бошладим. Яна икки кун ётдим. Ўзимни яхши ҳис этардим, ўрнимдан турмоқчи ҳам бўлдим, аммо Асал ҳеч кўнмади. Тўшакда яна икки кун ётишга мажбур қилди. Унга қарарканман, ҳайратда қолдим. Мен касал бўлдимми ёки уми? Шунчалик қийналиб ташвиш тортибдики, киши таниб бўлмайди, кўзларининг ости кўкимтир ҳалқа-ҳалқа бўлиб, озиб кетибди, қаттиқроқ пуфласанг йиқилиб кетаётгандек, унинг устига, қўлида боласи. Йўқ, бунақаси кетмайди, деган қарорга келдим. Талтайиб ётишга ҳақим йўқ. У дам олиши керак. Ўрнимдан туриб, кийина бошладим.
— Асал! — деб чақирдим секин. Ўғилчам ухлаб ётарди. — Қўшнилар билан гаплашиб кўр, кўнишса Самадни қолдириб, кинога бориб келамиз!
У каравот ёнига чопиб келди-да, мени яна ётқизиб қўйди. Худди биринчи марта кўраётгандек мендан кўзини узмасди. Кўз ёшларини тутишга уринарди-ю, аммо улар киприклари остида йилтираб, лаблари титрарди. Асал кўксимга юзини қўйиб, йиғлаб юборди.
— Сенга нима бўлди, Асал? Нима бўлди? — деб довдираб қолдим мен.
— Сизнинг соғайиб кетганингиздан ўзимда йўқ хурсандман.
— Ўзим ҳам хурсандман, аммо йиғлашнинг нима кераги бор. Сал мазам қочса қочибди-да. Қайтага уйда сен билан бир неча кун бирга бўлдим, Самад билан ҳам ўйнаб хумордан чиқдик. — Ўғлимнинг аллақачон эмаклай бошлаган, энди эса юришга шайланаётган энг яхши, энг ширин чоғлари эди. — Ростини айтсам, яна бир шундай касал бўлсам қанийди! — дедим ҳазиллашиб.
— Қўйсангизчи шунақа гапни, кераги йўқ! — деб жеркиб берди Асал.
Шу пайт каравотчада ухлаб ётган ўғилчам уйғониб қолди. Асал уни илиққиналигича кўтариб келди. Учовимиз каравотга ағанаб, тўполон қилиб ҳазиллашардик, Самад эса айиқчадек у ёкдан-бу ёққа ўрмалаб, бизни тепкилар эди.
— Мана кўряпсанми, қандай яхши! — дедим унга. — Сен бўлсанг... Тура тур ҳали, яқинда ота-онангнинг олдига — овулга борамиз. Қани гуноҳимизни кечирмай кўришсин-чи. Самадни кўрибоқ завқланиб кетиб, ҳаммасини унутиб юборишади...
Ҳа, овулга кечирим сўраб бориш ниятида эдик. Аммо аввало отпуска олиш, сўнгра Асалнинг ота-онасидан тортиб барча қариндош уруғларигача совға-саломлар тайёрлаш лозим эди. У ёққа қуруқдан-қуруқ боришни истамас эдим.
Бу орада қиш ҳам кириб қолди. Тянь-Шаннинг қиши қаттиқ бўлади. Кучли довул, қор бўронлари ва тоғдан қор кўчиш ҳодисалари тез-тез бўлиб турарди. Бундай пайтларда шофёрларга ташвиш яна ортарди, йўл тузатувчиларга эса яна ҳам қийинроқ бўларди. Улар тоғлардан кўчиб турадиган қор уюмларига қарши кураш олиб борар ва қор ўпирилиб тушиши мумкин бўлган хавфли ерларни олдинданоқ портлатишиб, дарҳол йўлни тозалаб қўйишар эди. Тўғри, ўша йилги қиш бир оз тинчроқ ўтган эди. Ёки менга шундай кўрингандир, чунки иш шунчалик кўп эдики, унча-мунча нарсаларга эътибор бермасдик. Ўша йили бизнинг автобазага кутилмаганда катта қўшимча топшириқ беришди. Аниқроғи, бундай катта топшириқни олишга биз шофёрлар ўзимиз сабабчи бўлган эдик, шахсан мен унинг ташаббускори эдим. Мен бунга ҳозир ҳам афсусланмайман ва маъқул иш қилганман, деб ҳисоблайман. Аммо, назаримда, менинг барча мусибатларим худди шундан бошлангандек туюлади. Воқеа бундай булган эди.
Бир куни кечқурун автобазага қайтиб келаётган эдим. Асал мендан Алибек Жонтуриннинг хотинига кичик бир тугунча бериб юборди. Мен машинани уларнинг уйи томон буриб, сигнал бердим. Алибекнинг хотини чиқди. Унга ҳалиги тугунчани бераётиб:
— Алибек уйдами? — деб сўрадим.
— Йўқ, ҳали келганича йўқ.
— Қаёқда у, йўлдами?
— Йўғ-а, бугун йўлга чиққани йўқ, кейинроқ борармиш. Нимагадир у ёқдан-бу ёққа зир югуриб юрибди. Айтишича, хитойлик ишчилар автобазага телеграмма юборишган эмиш.
— У ёқда нима гап бўлибди?
— Завод учун асбоб-ускуналарни тезроқ етказиб беришни илтимос қилишибди,
— Қанақа асбоб-ускуна? Синцзянда қурилаётган қишлоқ хўжалик машиналари заводи учунми?
— Билмадим, Илёс. Ўзинг эшитиб қоларсан.
— Ҳозир Алибек қаердайкин?
— Қаерда бўларди. Юк тушириш станциясида-да, ҳамма ўша ерда. Эшелонлар келганмиш.
Мен ҳам машинани ўша ёққа томон ҳайдадим. Нима гап ўзи, аниқлаб олай дедим-да. Мана, етиб ҳам келдим. Бизнинг юк тушириш станциямиз дарада, кўлдан сал берида жойлашган бўлиб, темир йўлнинг сўнгги станцияси эди. У ерда ғала-ғовур, ғира-шира қоронғи, ҳеч нарсани пайқаб бўлмасди. Дара томондан эсаётган кучли шамол симёғочлардаги чироқларни тебратар, шувиллаб шпалларни ялаб ўтарди. Вагонларни бир-бирига тиркаб юрган паровозлар у ёкдан-бу ёққа қатнаб турарди. Энг чеккадаги йўлда турган кран илгакларини кўтариб, тебранганича, вагонлардаги сим ва тунука тасмачалар билан танғиб, михлаб ташланган яшикларни тушираётган эди. Янглишмабман. Бу Син-цзяндаги машинасозлик заводига юбориладиган транзит юклар эди. У ерда йирик иншоот қурилаётганди. Авваллари ҳам биз у ёққа баъзи асбоб-ускуналарни олиб борган эдик.
Автобазамиз машиналаридан талайгинаси шу ерда экан. Бироқ ҳали уларнинг биронтаси ҳам юк ортмай турарди. Ҳамма шофёрлар ниманидир кутишаётгандек эди. Улар кабиналарда, машина зиналарида ўтиришарди. Баъзилар шамолдан паналаниб, яшикларга суяниб олишганди. Мен улар билан саломлашдим. Бирон кимса менга эътибор ҳам бермади. Папиросларини тутатишиб, сукут сақлаб туришарди. Четроқда ўтирган Алибекни кўриб қолдим. Унинг олдига бордим.
— Салом, Алибек!
— Салом!
— Нима қиляпсизлар? Телеграмма олибсизларми?
— Ҳа. Заводни муддатидан илгари ишга туширишмоқчи.
— Хўш, нима бўпти?
— Энди гап бизда қолди.
— Ростданми?
— Кўряпсанми, бутун йўл ёқалари юкка тўлиб кетибди. Ҳали яна келади. Буларни қачон ташиб улгурамиз? Бу ҳақда ўйлаяпсанми? Одамлар бизга ишониб, у ёкда кутишмоқда!.. Уларга ҳар бир кун ғанимат.
— Сен буларни нега менга гапиряпсан? Менинг бу ишларга нима дахлим бор?
— Нима дахлим бор?! Бу нима деганинг, ё бошқа мамлакатдан келганмисан? Ёки бизга нақадар муҳим иш топширилганини тушунмайсанми?
— Азбаройи худо, ақлдан озибсан! — деб ажабланиб, ўзимни четга олдим.
Шу пайт яшиклар орқасидан овозлар эшитилиб қолди. Автобазамиз бошлиғи Омонжўлов кўринди. У камзулининг этаги билан шамолни тўсиб, пана қилиб папирос тутатди-да, сўнгра индамай ҳаммамизга бир-бир назар ташлаб чиқди.
— Гап мана бундай, ўртоқлар, — деди у, — министрликка телефон қйлиб кўраман, балки ёрдам беришар. Аммо бунга орқа қилиш керак эмас. Нима қилиш кераклигини ҳозирча ўзим ҳам билмай турибман.
— Буни уддалаш қийин, ўртоқ Омонжўлов! — деди кимдир. — Юклар жуда оғир, қўпол, ортишга ҳам, жойлаштиришга ҳам ноқулай. Кузовга икки-учтадан ортиғи сиғмайди. Мабодо кечаю кундуз ишлаганимизда ҳам, худога шукур, кўкламгача етадиган иш бор.
— Ҳамма гап шунда-да, — деди Омонжўлов. — Аммо иложини топишимиз керак. Хўп, ҳозирча уй-уйимизга тарқалайлик. Сизлар ҳам ўзларингизча ўйлаб кўринг!
У «Газик»ка ўтириб жўнаб кетди. Шофёрлардан биронтаси ҳам жойидан қўзғалмади. Улар негадир шошилмасдилар. Қоронғи бурчакда ўтирган аллақандай киши, ҳеч кимга мурожаат қилмай, ўзича дўриллаб гапирди:
— Бўлмағур иш! Икки оёқни бир этикка тиқиб бўлмайди! Бу ҳақда илгарироқ ўйлаш керак эди! — деб ўрнидан туриб, папирос қолдиғини ўчирди-да, машинаси томон кетди.
Уни бошқа шофёр қувватлади:
— Бизда доим шу аҳвол, иш қисталанг келдими, бўлди, қутқаринглар, жон оғайнилар, деб дарҳол шофёрларга осилишгани осилишган.
Одамлар унга ўшқириб беришди:
— Бу халқаро иш-ку, Исмоил, сен бўлсанг бозорчи шаллақи хотинларга ўхшаб вайсаяпсан-а!
Мен мунозара-тортишувларга қўшилмай турардим. Аммо бирдан миямга бир фикр келиб қолди: довонда машинани қандай шатакка олганим ёдимга тугнди. Чидаб тура олмадим-да, ҳар вақтдагидек қизишиб кетиб:
— Ўйлаб ўтиришнинг нима кераги бор! — деб ўртага отилиб чиқдим. — Машиналарга прицеп улаш керак!
Ҳеч ким қимир этмасди. Баъзилар ҳатто менга қайрилиб қарамади ҳам. Бундай фикрни фақат телбаларгина айтиши мумкин эди.
Жонтой секингина ҳуштак чалиб қўйди:
— Кўрдингларми!
Мен унинг овозидан танидим. Турган еримда ҳар томонга аланглайман, бўлган ишни бирма-бир сўзлаб бергим келяпти. Аммо қандайдир сўлоқмондай йигит яшик устидан тушиб, қўлқопини ёнидаги шеригига берди-да, олдимга яқин келиб, ёқамдан ушлаб, ўзи томон тортиб:
— Қани, «уфф» де-чи! — деди.
— Уфф! — деб пуфладим мен.
— Кайфи йўқ! — деди у ёқамни бўшатаркан, ҳайрон бўлиб.
— Бўлмаса, жинни-минни бўлгандирда, — деди ҳалиги йигитнинг шериги уни қувватлагандек ва иккаласи ҳам машиналарига ўтиришиб, жўнаб кетишди. Бошқалар ҳам кетишга ҳозирланиб, ўринларидан жимгина қўзғалишди. Ҳеч қачон бунчалик кулги, бунчалик мулзам бўлмаган эдим! Ер ёрилмади-ю, ерга кирмадим.
— Тўхтанглар! Қаёққа кетяпсизлар! — деб шофёрлар орасида аланглаб, у ёқдан-бу ёққа югура бошладим. — Мен ҳазил қилаётганим йўқ, ҳақиқатан ҳам прицеплар улаш мумкин...
Кекса, оқсоқол шофёрлардан бири жаҳли чиқиб, олдимга келди-да:
— Мен бу ерда шофёрлик қила бошлаган пайтларимда сен ҳали иштончан юрган гўдак эдинг. Тянь-Шань танца майдони эмас, сенга жуда раҳмим келяпти, халқ ўртасида масхарабозлик қилма! — деди.
Одамлар мени масхара қилишиб, машиналарига тарқала бошладилар. Шунда мен бутун станцияни бошимга кўтариб бақирдим:
— Сизлар шофёр эмас, хотинчалишларсиз!
Буни бекор қилган эканман, бошимга бало орттириб олдим.
Ҳамма тўхтаб, бараварига менга қараб ёпирилиб кела бошлади:
— Нима дединг, аблаҳ! Кўпчиликнинг ҳаёти билан ўйнашмоқчимисан!
— Новатор! Мукофот олмоқчи! — деб шовқин солди Жонтой. Ғала-ғовур зўрайиб кетди, одамлар мени исканжага олиб, яшикларга қисиб қўйишди.
— Масхара қиляпсанми ҳали!
— Сол тумшуғига!
— Мишиғингни артиб олсанг-чи!
Дўппослаб, дабдала қилиб ташлашса керак, деб ўйлаб, ердаги ётган тахтани қўлимга олдим.
— Қани, четроқ тур, йўл бер! — деб ҳуштак чалиб, кимдир ҳаммани итариб-суриб кела бошлади.
Бу Алибек эди.
— Жим! — деб бақирди у. — Сен, Илёс, тушунтириб гапир! Тезроқ сўзлай қол!
— Э, нимани гапираман! — дедим мен нафасим бўғзимга тиқилиб. Чунки ҳали оғиз очишга улгурмасданоқ юлиб-тортқилашиб, тугмамдан биронтасини ҳам қолдиришмай узиб юборишганди. — Мен довонда бир машинани юки билан шатакка олиб, йўл тузатувчилар участкасигача обориб қўйганман. Бор гап шу.
Йигитлар ишонмагандек жим бўлиб қолишди.
— Хўш, торта олдингми? — деб сўради кимдир шубҳаланиб.
— Ҳа, бутун Дўландан то участка ҳовлисигача тортиб бордим.
— Ҳо, жуда зўр-у! — деди кимдир ажабланиб.
— Ўзича валдираяпти-да! — деб эътироз билдирди иккинчи бири.
— Фақат муттаҳамларгина валдирайди. Буни Жонтой ҳам кўрган. Ҳой, Жонтой, қаёқдасан? Айт! Қандай учрашганимиз эсингдами?..
Аммо Жонтойнинг овози чиқмасди. У ер ёрилиб, ерга кириб кетгандек, ғойиб бўлди-қўйди. У аблаҳдан нафратланиб юрганим бежиз эмас эди. Ҳозир буни ўйлаб турадиган вақт эмасди. Одамлар баҳслашиб кетди. Мени қувватлаган одамлар ҳам бўлишди. Бироқ қандайдир бир шаккок чиқиб, бирданига уларни фикрларидан қайтарди-қўйди:
— Бекорчи гап сотишнинг нима кераги бор! — дея тўнғиллай бошлади у. — Биров бир ишни бир марта қилса қилибди-да! Бундай ҳодисалар озми! Биз ёш бола эмасмиз. Трассамизда прицеплар улаб юриш ман этилгап. Бунга ҳеч ким рухсат ҳам бермайди. Меҳнат хавфсизлиги инженерларига шундай деб кўр-чи, нима деркин: шунақаям бопласинки, додингни худога айт-гин. Сизларни деб жавобгарликка тортилишни хоҳламаса керак... Гапнинг ўғил боласи шу.
— Э, қўйсанг-чи! — деб гапга аралашди бошқа биров. — Рухсат бермайди деганинг нимаси! Мана, Иван Степанович ўттизинчи йилларда полуторка машинада довонни биринчи бўлиб очган. Унга ҳам ҳеч ким рухсат бермаган эди. У ўз билгича қилганди бу ишни. Мана ўзи, ҳали ўлганича йўқ...
— Ҳа, дарвоқе, шундай бўлган эди, — деб тасдиқлади Иван Степанович. — Аммо ҳозир шубҳаланиб турибман: ахир бу ердан ҳатто ёзда ҳам ҳеч ким прицеп билан ўтган эмас, ҳозир эса қиш...
Шу пайтгача индамай ўтирган Алибек гапга аралашди:
— Етар шунча тортишганимиз. Илёснинг таклифи ҳали синаб кўрилмаган нарса бўлса ҳам ўйлаб кўриш керак. Лекин сен айтганча эмас, Илёс, прицепни улаймиз-у кетавермаймиз. Бундай қилиш ярамайди, олдин бунга ҳозирлик кўриш, ҳаммасини жиддий ўйлаб чиқиш, маслаҳатлашиш ва синаб кўриш керак. Қуруқ сўз билан ҳеч нарсани исботлай олмайсан...
— Исботлайман! — дедим мен унга. — Сизлар ўйлаб, фол очиб бўлгунларингизча, мен исботлаб бераман! Ана ўшанда ишонч ҳосил қиласизлар! — деб бурилиб машина томон юрдим ва автобазага жўнаб кетдим.
Ҳар кимнинг ўз хулқи, феъл-атвори бор. Уларни бошқариб туриш керак, албатта, бироқ бунга ҳамма вақт ҳам муяссар бўлавермайди киши. Рул бошқариб бораётган бўлсам ҳам на остимдаги машинани, на йўлни ҳис этардим. Дард-алам, хафагарчилик ва асабийлик бутун вужудимни эгаллаб олганди. Бояги сўзлар борган сари иззат-нафсимга қаттиқ тегиб, юракни ўртаб тутақтираётган эди. Йўқ, мен сизларга исботлаб берганим бўлсин! Одамнинг сўзига ишониш кераклигини исботлаб бераман, унинг устидан кулиш қандайлигини кўрсатиб қўяй, эҳтиёткорлик билан орқа-олдингга қараб иш кўриш қанақа бўлишини бир исботлаб берай! Алибекка ҳам қойилман: ўйиаб кўриш, тайёрланиш, синаб кўриш керакмиш! У ҳамиша шунақа ақлли, эҳтиёткор! Аммо мен учун булар бир пул! Мен бу ишни хамирдан қил суғургандек бажариб, кимлигимни кўрсатиб қўяман!
Машинани гаражга қўйганимдан кейин ҳам унинг атрофида анча вақтгача ўралашиб юрдим. Сиртдан қараганда тинчланиб қолганга ўхшасам ҳам кўнглим безовта эди. Мен фақат бир нарса ҳақида — ўзимнинг ҳақ эканлигимни қандай қилиб эртагаёқ исботласам экан, деб ўйлардим. Фикримни исботлаш, сўзлаб бериш учун бошлиқлар олдига боришни, уларнинг эътирозларини тинглашни энди хоҳламас эдим. Йўл битта: прицеп билан довонга қараб жўнаш. Мен буни қандай бўлмасин, бажаришим керак эди. Аммо прицепни менга ким берарди, уни автобазадан Тянь-Шань йўлига олиб чиқишга ким рухсат этарди?
Шундай ўй-хаёллар билан гараждан чиқиб, ҳовли бўйлаб секин юра бошладим. Кеч кириб қолган эди. Фақат диспетчерхонада чироқ ёниб турарди. Мен тўхтаб қолдим: э, диспетчерчи. Диспетчер ҳаммасини тўғрилаб бериши мумкин-ку! Ҳамма иш унинг қўлида. Мен диспетчерхона томон шошилдим. Чамамда, бугун Хадича навбатчилик қилаётган бўлса керак. Шундай бўлса яна ҳам яхши. У менинг илтимосимни рад этмайди. Рад этиши ҳам мумкин эмас. Рад этган такдирда ҳам ахир мен жиноят қилмоқчи эмасман-ку. Аксинча, у ҳамма учун фойдали, ҳамма учун муҳим бўлган ишни амалга оширишда менга ёрдам беради, холос.
Диспетчерхонага яқинлашар эканман, анчадан бери илгарилардагидек эшикдан тўғри кириб боравермаётганлигим ва туйнукча орқали мурожаат қилаётганлигим эсимга тушиб, иккиланиб қолдим. Шу пайт эшик очилди. Остонада Хадича турарди.
— Сенинг олдингга келаётган эдим, Хадича. Яхшиямки, шу ерда экансан!
— Мен кетяпман.
— Хўп, юр, уйинггача кузатиб қўяман.
Хадича таажжубланиб, менга шубҳаланиб қаради-да, жилмайиб:
— Кетдик, — деди.
Биз ташқарига чиқиб, кўча бўйлаб кета бошладик. Кўча зим-зиё қоронғи эди. Кўл томондан тўлқинларнинг шовиллагани эшитилиб турар, изғирин шамол эсарди. Хадича қўлтиғимдан ушлаб, совуқ шабададан паналаб пинжимга тиқила бошлади.
— Совқотяпсанми? — деб сўрадим.
— Сен билан бирга бўлсам совқотмайман! — деди у. Хадича яна бир нима демоқчи бўлиб оғиз жуфтлади-ю, бироқ жим қолиб, яна кифтимга ишқалана бошлади. Бунга қадар ҳаяжонланиб турган эдим, энди бўлса негадир тинчланиб, ўзимни эркин сеза бошладим,
— Эртага қай маҳал навбатчилик қиласан, Хадича?
— Иккинчи сменада.
— Сенда бир ишим бор. Жуда муҳим. Бари сенга боғлиқ...
Йўлда унга ҳаммасини айтиб бердим. Аввалига гапимга қулоқ солгиси ҳам келмади, бироқ мен уни ҳамон ишонтиришга интилардим. Чироқ остида, муюлишда тўхтадик. Хадича бир қарорга келолмай турарди.
— Эҳ, Илёс! — деди у ташвиш билан кўзимга боқиб.— Бекор шундай қиляпсан!
Аммо мен нима десам ҳам унинг бажаришини тушуниб турардим. Унинг қўлтиғидан ушлаб:
— Бекорга эмас. Менга ишонавер! Ҳаммаси жойида бўлади. Хўш, келишдикми? — дедим.
У хўрсиниб қўйди.
— Сен айтганингдан кейин, нима ҳам қила олардим! — деди-да, хўп дегандек бош қимирлатди.
Мен беихтиёр унинг елкасидан қучоқлаб олдим.
— Асли йигит бўлиб туғилишинг керак экан-да, Хадича! Хўп, эртагача хайр! — деб қўлини қаттиқ қисдим. — Кечгача ҳамма қоғозларни тўғрилаб қўй хўпми?
— Намунча шошилмасанг! — деди у қўлимни бўшатмай туриб. Сўнгра бирдан ўзгариб қолди. — Майли, боравер... Ётоқхонагами?
— Ҳа, Хадича.
— Хайрли тун, — деди у.
Эртасига бизда техника кўриги бўлди. Автобазадаги одамлар диққинафас бўла бошлади: инспекторлар доим бемаврид тиқилинч қилишади-да, нуқул бирон нарсадан айб топиб, акт тузишгани тузишган. Қанчалик даҳмаза, қанчалик ташвиш. Аммо уларнинг ўзлари эса жуда оғир, совуққон одамлар. Планга мувофиқ автобазани техника кўригидан ўтказишлари керак эди, шунга кўра улар бамайлихотир ўз ишларини бажараётган эдилар.
Ўз машинамдан кўнглим тўқ эди, аммо ремонт қилаётган кишидек ўзимни четга тортиб туравердим.
Хадича навбатчиликка ўтгунча вақтни чўзиб туриш керак эди. Ҳеч ким мен билан гаплашмас, ҳеч ким кечаги ҳодисани эслатмас эди. Одамлар буни хаёлига ҳам келтирмасди: ҳамма техник кўрикдан тезроқ ўтиб, йўлга тушишга ва бекор кетган вақтнинг ҳиссасини чиқаришга ошиқарди. Аммо барибир кўнглимдаги доғ ёддан кўтарилмасди.
Техника кўригидан тушдан кейин ўтдим. Инспекторлар ҳам кетишди. Ҳаммаёқ бўшаб, ҳувиллаб қолган эди. Ҳовлининг ичкарисида очиқ ҳавода прицеплар турарди. Улардан баъзан текис йўлларда, ички қатновда фойдаланилар эди. Мен прицепларга қандай бориш қулайроқ эканини кўздан кечириб, улардан бирини — энг четкисини мўлжаллаб қўйдим. У оддийгина тўрт ғилдиракли аравага ўхшарди. Унинг ҳамма ҳикмати мана шу. Аммо шуни деб қанчалик ҳаяжонга тушдим... Ўша пайт мени нима кутаётганини билмас эдим. Шунинг учун ҳам яхшигина овқатланиб, бирор соат бўлса ҳам мизғиб олиш мақсадида хотиржамгина ётоқхонага кетдим. Йўл жуда хавфли эди. Барибир ухлай олмадим. Вақтни илондек тўлғаниб ўтказдим. Қош қорая бошлагач, автобазага бордим.
Хадича бўлса аллақачон келиб турган экан. Ҳамма нарса тахт эди. Мен уни беҳуда ташвишлантирмаслик учун ортиқча такаллуф қилиб ўтирмасдан йўлланмани олдимда, гаражга шошилдим. Югуриб кетяпману хаёлимдан: «Тамом! Энди буёғини бир кўрсатиб қўяй сизларга!» — деган фикрни ўтказдим. Машинани бурдим ва тислаб бориб прицепга тўғриладим, сўнгра моторни секин юргизиб қўйдим-да, теварак-атрофни кўздан кечириш учун кабинадан чиқдим. Бирон кимса кўринмайди. Фақат ремонт устахонасидаги дастгоҳларнинг тақир-туқури-ю, кўл тўлқинларининг қирғоққа урилишидан кўтарилган шалоп-шулуп овозлари эшитилиб турарди. Осмон сукунат ичида тургандек тутолса ҳам биронта юлдуз кўринмасди. Ёнимда мотор секин тириллаб турарди, менинг юрагим ҳам гуп-гуп урарди. Чекмоқчи бўлдиму, лекин папиросни шу заҳотиёқ четга отиб ташладим, кейин...
Дарвоза олдида мени қоровул тўхтатди:
— Тўхта, қаёққа! — деди у.
— Юк ортишга, оқсоқол, — дедим мен ўзимни бепарво кўрсатишга уриниб. — Мана чиқишга пропуска.
Чол қоғозга синчиклаб тикилди-ю, аммо фонус ёруғуда ҳеч нарса ўқиёлмади.
— Вақтимни олма, оқсоқол! — дедим сабрим чидамай. — Иш қолиб кетяпти!
Юк ортиш тинчгина ўтди. Яхшигина юк ҳам олинди: кузовга ҳам икки, прицепга ҳам икки бўлак юк олиб йўлга чиқдим ва фақат шундан кейингина кўнглим жойига тушиб, чека бошладим. Сўнгра машинага қулайроқ ўтириб олдим-да, чироқни ёқиб, тўла газ бердим. Машина чироғидан таралаётган ёғду атрофни қоплаб олган қоронғилик чокини сўкиб борарди. Йўл бўм-бўш эди. Машинани энг юқори тезликка қўйиб ҳайдашим мумкин эди. Орқада шарақлаб келаётган прицеп енгилгина ва бир текисда елиб бораётган машинага деярли халал бермасди. Тўғри, бурилишларга келганда машина йўл чеккасига сурилиб кетарди ва рулни бошқариш ҳам анча қийинлашар эди. Аммо бунга одатланмаганликдан, кейинчалик кўникиб кетарман, деб ўйлардим. «Дўланни забт этаман, Синцзянга ҳам бораман!» — деб қичқирдим ўзимга-ўзим ва от устида энкайиб чопиб бораётгандек рул чамбарагига ёпишиб олдим. Йўл равон келган ерлардан иложи борича тезроқ ҳайдаб ўтиш ва тун ярмида Дўланга ҳужум бошлаш ниятида эдим.
Баъзи вақтларда тезликни мўлжалимдагидан ҳам ошириб ҳайдардим. Аммо тоғ бошлангандан кейин секинроқ ва эҳтиёткорлик билан юришга тўғри келди. Бу моторнинг қуввати етмаслигидан эмас, албатта. Тепаликка чиқишга қараганда, пастликка тушиш анча қийин эди. Прицеп нишабликдан ўкдай ғизиллаб келиб, машинага зарб билан урилар ва унинг тинчгина тушишига халақит берар эди. Ҳар қадамда тормоз бериб, тезликни камайтириш ва рулни зийраклик билан бошқариб туришга тўғри келарди. Бошда ўзимни дадил тутдим, унча-мунча нарсага эътибор бермасликка ҳаракат қилдим, лекин борган сари хавотирланиб, асабларим бузила бошлади. Ҳали йўлда яна қанчадан-қанча тепалик ва нишабликлар учрайди. Буларни санаб чиқиш ҳеч кимнинг хаёлига келганмикин! Шундай бўлса-да, руҳимни туширмадим. Бу ерда ҳолдан тойишдан бошқа ҳеч нарса кўнглимга таҳдид солмасди.
«Ҳечқиси йўқ, — деб овутардим ўзимни ўзим. — Довонга чиқиш олдидан нафасимни ростлаб оламан. Довондан албатта ошиб ўтаман!» Бироқ мен нега ўша кузда машинани шатакка олганимдагига қараганда ҳозир кўпроқ қийналяпман, деб ўйлаб ўтирмадим.
Дўлан тобора яқинлашиб келмоқда. Чироқ нурлари қоп-қора тун қўйнига чўккан улкан даранинг қояларини сийпалаб ўта бошлади. Қорли қалпоқларини бостириб кийиб олган бу қоялар йўл устида осилиб турарди. Чироқ нурларида паға-паға қор парчалари ялтираб кўрина бошлади. «Юқоридан шамол учириб тушаётган бўлса керак», дедим ўзимча. Аммо қор пар-чалари кабина деразаларига ёпишиб, эриб, пастга сирқиб тушарди. Демак, қор ёғаяпти. У сийрак ёғаётган бўлса ҳам нам қор эди. «Бунисига бало борми-ди!..» — дедим ғижиниб. Ойна тозалайдиган чўткаларни ишга солдим.
Довоннинг дастлабки баланддиклари бошланди. Мотор одатдагидек ўзининг мунгли қўшиғини куйлай бошлади. Унинг зўриқиб бир оҳангда гувиллаши қоронғида ўрмалаб бораётган қўнғиз боласини эслатарди. Ниҳоят маррага етиб келдим. Энди олдинда пастга қараб қиялаб кетган олис йўл. Мотор овози пасайиб, машина қуйига қараб туша бошлади. Мана энди у ён-бу ёнга қараб тебраниб бормоқда. Мен прицепнинг орқада лапанглаб, йўл-йўлакай машинага шарақлаб келиб урилаётганини сезиб, ҳалқаларнинг туташган еридан ғижирлаб чиқаётган металл овозларини эшитиб турардим. Бу ғижирлаш овози ғашимни келтириб, белимни, билакларимни сирқиратиб оғритаётгандек бўларди. Ғилдираклар тормозга итоат қилмай, нам қор тўшамида сирғалиб боради, машина сирғалиб бир силкиниб кетган эди, рули қўлимдан чиқиб кетди-да, шақир-шуқур қилиб, йўл бўйлаб, қиялаб пастга томон ғизиллаганча тушиб кета бошлади. Шунда мен дарҳол рулни буриб, машинани тўхтатдим. Бу ёғига юриш амри маҳол эди, оёқ-қўлимда жон қолмаганди. Машина чироғини ҳам, моторини ҳам ўчирдим. Таёкдек қотиб қолган қўлларим худди ясама қўлдек пастга шалоп этиб тушди. Мен ўриндиқ суян-чиғига ўзимни ташлаб, тошдай қотиб ўтирар ва хириллаб нафас олаётганимни ўзим ҳам эшитйб турардим. Шу тахлитда бир неча минут ўтириб, нафасимни ростлаб олдим-да, папирос чека бошладим. Чор атрофим қоп-қоронғи зимистон, даҳшатли сукунат. Фақат кабина тешикчаларидан шамол ғувиллаб кириб турарди. Олдинда нималар кутаётганини тасаввур қилишдан юрагим ваҳимага тушарди. Бу ердан юқорига қараб қиялик бўйлаб баланд-паст, қинғир-қийшиқ йўллар давом этарди. Бу — мотор ва қўлларнинг азоби. Бу тоғ ёнбағирлари бўйлаб илонизи йўллар билан юқорига тинимсиз ўрмалаб чиқиш демакдир. Олдинга — юқорига — орқага, яна илгарига — олдинга — орқага, яна ва яна... Аммо ўйлаб ўтиришга вақт йўқ, қор гупиллаб уриб турибди.
Моторни юргиздим. Машина қаттиқ ўкириб, баландлик сари қўзғалди. Тишимни тишимга қўйиб, тинимсиз равишда илонизи йўлларни аста-секин босиб ўтавердим. Ниҳоят, тепаликка ҳам чиқиб олдим. Энди тик қиямалик, йўл тузатувчилар участкасига бурилиб кетадиган муюлишга қадар бир текис нишаблик, ундан кейин эса довонга сўнгги ҳужум бошланди. Бир амаллаб пастга тушиб олдим ва тўрт километрча чўзилиб ётган тўғри йўлдан машинани елдек учириб бориб, юқорига кўтарила бошладим. Мана, у олға интилиб тобора юқорилашиб бормоқда... Аммо бояги тезлаб келаётгани кўпга бормади, тезлик борган сари пасая борди. Моторни иккинчи, сўнгра биринчи тезликка қўйиб ҳайдадим. Рулни маҳкам ушлаганча, ўзимни орқага ташладим. Булут парчалари орасидан юлдузлар мўралашиб қарашарди. Машина жойидан қимир этмас ва у ёғига тортолмасди. Ғилдираклар бир ерда ғириллаб айланиб, четга суриларди, мен акселераторни жон-жаҳдим билан босдим.
— Қани, яна! Яна озгина! Қимтиб юбор! — деб қичқириб юбордим.
Чўзиб-чўзиб инграётган мотор титраб-қалтираб дириллай бошлади-да, бирданига ўчди-қолди. Машина секингина орқага кета бошлади. Жонҳолатда тормоз бердим, тўхтамади. Прицепнинг оғирлиги билан борган сари тезроқ сирғалиб, пастга томон ғилдираб ту-шаверди, ниҳоят, машина қояга урилиб, таққа тўхтади. Ҳаммаёқ жимжит бўлиб қолди. Кабина эшигини очиб, ташқарига қарадим. Худди ўйлаганимдек! Падарига лаънат! Прицеп йўл ёқасидаги ариққа тушиб кетган эди. Энди уни ҳеч қандай куч билан чиқариб бўлмасди. Ўзимни йўқотиб, довдираганимча, яна моторни юргиздим, зўр бериб машинани олдинга қараб ҳайдай бошладим. Ғилдираклар ўз ўрнидан қўзғалмай ғириллаб айланарди. Машина бор кучи билан илгарига қараб интилди, бутун танаси дириллаб кетди-ю, аммо жойидан силжимади. Мен машинадан сакраб тушдим-да, прицепга томон чопиб бордим. Унинг ғилдираклари ариққа чуқур ботиб кетган эди. Нима қилиш керак? Бошим қотиб қолган эди, ғазаб билан прицепга отилдим, унинг ғилдирагини қўлларим ва бутун гавдам билан итара бошладим. Сўнгра кузовнинг остига кириб бошим сирқираб оғриб кетгунича йиртқич ҳайвон сингари бўкириб, прицепни елкам билан йўлга суриб чиқаришга уриниб кўрдим, аммо қаёқда дейсиз! Ҳолдан тойиб, йўлга юзтубан йиқилдим ва қор аралаш лойни қучоқлаб аламимдан йиғлаб юбордим. Кейин ўрнимдан турдим-да, гандираклаганимча машина зинасига келиб ўтирдим.
Йироқдан. моторнинг гувиллаган овози эшитилди. Икки чироқча баландликдан пастдаги текис йўлга ёғду сочиб тушаётган эди. Бу шофёрнинг кимлигини ва ярим тунда тақдир уни қаёққа ва нима учун ҳайдаётганини билмасдим, аммо бу чироқлар гўё мени қувлаб етиб, ушлаб оладигандек сесканиб кетдим. Қароқчи сингари прицеп илгагига қараб югурдим, уни машина билан улаб турган металл ўқни суғуриб олиб, четга улоқтирдим ва кабинага ирғиб чиқиб, прицепни ариқда қолдирганимча, машинани юқорига қараб елдек учириб кетдим.
Қандайдир тушуниб бўлмайдиган даҳшатли қўрқув таъқиб этарди мени. Орқамдан келаётган машина назаримда худди изма-из қувиб етиб келаётгандек туюларди. Машинани шунчалик тез ҳайдардимки, азбаройи йўлни ёд билганимдан бирон ерга уриб ҳам олмадим. Агар кўзларимни боғлаб қўйганларида ҳам худди шундай қилган бўлардим.
Тонготарда довондаги базага етиб келдим. Нима қилаётганимни ўзим ҳам англамай, ақлдан озган кишидек, эшикни мушт билан қоқа бошладим. Эшик ланг очилди. Асалга қарамай, бошдан-оёқ лойга беланганимча уйга кирдим. Энтикканимча аллақандай бир нам нарсанинг устига ўтирдим. Бу курси устига уйиб қўйилган кир уюми экан. Папирос олиш учун қўлимни чўнтагимга тиққан эдим, қўлимга машина калитлари илинди. Мен уни жаҳл устида кучим борича четга улоқтирдим ва бошим «шилқ» этиб тушди, уриб пўла қилиб ташлангандек, тинка-мадорим қуриб, шалпайганимча ўтирардим. Кўзларим полда. Стол ёнида Асал ўз оғирлигини яланг оёқларининг дам унисига, дам бунисига солиб турарди. Унга нима ҳам дея олардим? Асал полда ётган калитларни олиб, стол устига қўйди.
— Ювиниб оласизми? Кечқурун сув иситиб қўйганман, — деди у секингина.
Мен бошимни секин кўтардим. Совқотган Асал нозиккина қўлларини кўксига қўйиб, тунги кўйлақда қаршимда турар эди. Унинг қўрқув босган кўзлари ташвиш ва ачиниш билан менга боқарди.
— Довонда прицепни ағдариб юбордим, — дедим бегона товуш билан.
— Қанақа прицеп? — деб сўради у тушунмасдан.
— Темирдан ясалган, яшил рангли, «02 — 38» номерли! Қанақа бўлса ҳам барибир эмасми! — деб қичқирдим жаҳл билан. — ўғирлаб олгандим уни, тушунасанми? Ўғирлаб олгандим.
Асал секингина «Вой!» деб юборди-да, каравотга ўтириб қолди.
— Нега?
— Нега бўларди? — унинг ҳадеганда гапга тушунавермагани менинг жиғимга тегарди. — Довондан прицеп билан ўтмоқчи эдим! Тушундингми? Ўз фикримни амалда исботламоқчи эдим... Мана энди уйим куйди!
Мен юзимни кафтларим орасига олганча ўтирардим. Иккаламиздан ҳам бирмунча вақт садо чиқмади. Асал шартта ирғиб турди-да, кийина бошлади.
— Нега ўтирибсиз энди?. — деди у жиддий қиёфа-да.
— Нима қилишим керак? — деб ғўлдирадим мен.
— Автобазага қайтиб боринг!
— Қандай бораман! Прицепсиз-а?
— У ерда ҳаммасини тушунтириб берасиз!
— Эсингни едингми! — Тарс ёрилиб кетишимга сал қолди. Хона бўйлаб у ёқдан-бу ёққа тез-тез юра бошладим. — Қайси юз билан прицепни у ерга судраб бораман? Кечирасизлар мени, хато қилиб қўйдим, дейманми?! Оёқларига бош уриб ялиниб-ёлворгани бораманми? Йўқ, бормайман! Билганларини қилишсин! Ҳаммасига тупурдим!
Менинг бақириқ-чақириғимдан каравотда ётган ўғилчам уйғониб кетиб, йиғлаб юборди. Асал уни қўлига олган эди, бола баттарроқ қичқира бошлади.
— Қўрқоқсиз, — деди Асал секингина, лекин қатъий қилиб.
— Нима-а! — дея ғазабдан ўзимни тутолмай мушт ўқталганча унга ташландим, қўл кўтаришга кўтардим-у, аммо уришга журъат этолмадим. Унинг ҳайратланиб боқиб турган шаҳло кўзлари мени танг қолдирди. Мен унинг чақнаб турган кўз қорачиқларида ўзимнинг даҳшатли ва буришиб-тиришиб кетган турқимни кўриб турардим.
Уни қўполлик билан бир четга силтаб юбориб, эшик томон шиддат билан бориб, уни тарақлатиб ёпганимча ташқарига чиқиб кетдим.
Ташқари аллақачон ёришиб қолган эди. Куннинг ёришиб кетгани менга қаттиқ таъсир қилди; кеча бўлиб ўтган ҳамма қилмиш-қидирмишларим менга янада мудҳиш, янада хунук бўлиб кўринар, ўзимни бир умр тузатиб бўлмайдиган хато қилиб қўйгандек ҳис қилардим. Ҳозирча биргина нажот йўли бор бўлиб, бу ҳам бўлса лоақал машинадаги юкни жойига элтиб қўймоқ зарур эди. У ёғига нима қилишни билмайман...
Орқага қайтишда уйга кириб ўтмадим. Асал билан жанжаллашиб қолганимдан эмас. Усиз ҳам мулзам эдим. Ҳеч кимга кўринмасликка ва ҳеч кимни кўрмасликка уринардим. Бошқаларни билмайман-у бундай ҳолларда ёлғиз бўлишни ва бошимга тушган ташвишни бошқаларга сездирмасликни истардим. Кимга кераги бор бунинг? Агар қўлингдан келса, ҳамма кулфатларинг адо бўлгунча сабр-тоқат қил, чида...
Кечаси йўловчилар тунайдиган уйда тунаб қолдим. Туни билан ухлаёлмай алаҳсираб чиқдим. Тушимда довонда прицепни қидириб юрган эмишман. Унинг излари бормишу ўзи йўқ эмиш. Ҳар томонга зир югуриб, прицеп қаёққа ғойиб бўлди, ким олиб кетди, деб сўраб-суриштириб юрганмишман. Мен қайтаётганимда у ҳақиқатан ҳам ўша бехосият ерда — турган жойида йўқ эди. Фақат излари бор эди, холос. Қайтариб олиб кетишибди. Кейин билсам, прицепни автобазага Алибек судраб келган экан.
Прицеп орқасидан ўзим ҳам эрталаб автобазага етиб келдим. Шу кунлар ичида қорайиб кетибман, кабина ёнига қадаб қўйилган кузатув ойначасига қараб ўзимни ўзим танимай қолдим.
Автобазада ҳаёт одатдагича эди. Фақат менгина, гўё бегона кишилардек, машинани дарвоза томон ийманибгина ҳайдаб келиб, секингина ҳовлига кириб бордим ва машинани гараждан нарирокда, бир чеккада тўхтатдим-да, кабинадан чиқмай ўтиравердим. Атрофга кўз югуртириб чиқдим. Одамлар ишларини йиғиштириб қўйишиб, ҳар томондан менга қараб тикилиб туришарди. Эҳ, қани энди лип этиб қайрилсанг-у бошинг оққан томонга қочиб қолсанг. Бироқ ҳеч ёққа қочишнинг иложи йўқ эди. Кабинадан чиқишга тўғри келди. Бор жасоратимни тўплаб, ҳовлидан юриб, диспетчерхона томон йўл олдим. Ўзимни хотиржам тутишга, шахдам қадам ташлашга уринар-дим, аммо аслида эса саф тортиб турган кишилар олдидан ўтаётган гуноҳкор солдатдек юриб борардим. Ҳамманинг мени хўмрайиб кузатиб турганини сезиб турардим. Ҳеч ким мени чақирмади ҳам, мен билан саломлашмади ҳам. Уларнинг ўрнида бўлганимда, эҳтимол мен ҳам шундай қилган бўлардим.
Остонага қоқилиб кетдим. Гўё юрагим ҳам қоқилиб кетгандек бўлди: эҳ, Хадича ҳақида ўйламабман, уни шарманда қилдим! Энди нима дейман унга?
Коридорда нафасимни ростлаб, пешонамдаги терни артдим. Бошимни кўтариб, у ёқ-бу ёққа қарасам, рўпарамда деворий газетамиз «Чақмоқ» саҳифасидаги плакат менга тикилиб турарди. «Уят сенга!» деб йирик ҳарфлар билан ёзиб қўйилган сўзлар остида тоғ орасида қолдириб кетилган прицеп тасвирланган эди...
Мен тескари ўгирилдим. Юзларим шапалоқ егандек ловиллаб ёнарди. Диспетчерхонага кирдим. Хадича телефонда ниманидир гаплашаётган эди. Мени кўриб гапидан тўхтаб, трубкани жойига осиб қўйди.
— Ма! — деб бадбахт йўлланмани столга отдим. Хадича ачинган қиёфада менга қаради. Фақат шаллақилик қилиб йиғлаб юбормаса бўлгани деб ўйладим.
«Ҳозир эмас, кейин, бўлак бирор ерда!» — деб ёлвордим ичимда. У ҳам мени тушунди, ҳеч нарса демади.
— Шовқин кўтаришдими? — деб сўрадим секин. Хадича бош ирғиб қўйди.
— Ҳечқиси йўқ! — дедим ғижиниб, унинг руҳини кўтариш учун.
— Сени катта йўлдан олишди, — деди у.
— Олишди? Бутунлайми? — дедим кулимсираган бўлиб.
— Бутунлай олишмоқчи эдилар — ремонтга... Аммо йигитларимиз сенинг ёнингни олишди. Ҳозирча ички рейсларга ўтказишди. Бошлиққа учра, сени чақиртиришган эди.
— Бормайман! Менсиз ўзлари ҳал қилишаверсин. Пушаймон қилмайман...
Мен хонадан чиқдим. Бошимни қуйи солганимча, коридордан аранг чиқиб кетдим. Кимдир менга пешвоз келарди. Мен унга йўл бериб, ўзимни четга олдим. Бу Алибек эди. У мойга беланган қўлларини ҳам артмай гараждан келаётган экан. Мен унинг ёнбошидан ўтиб кетмоқчи эдим, аммо Алибёк йўлимни тўсди.
— Йўқ, шошма! — деб мени бурчакка қисди. Кўзларимга тикилиб, ғазаб билан шивирлади: — Хўш, ишлар қалай, азамат? Исботладингми? Итфеъллигингни кўрсатдинг!
— Ишимиз жўнашиб кетсин девдим-да, — деб пўнғилладим мен.
— Ёлғон!
— Нима ёлғон?
— Ёлғиз ўзинг шуҳрат қозонмоқчи бўлдинг! Ўзинг учун тиришдинг! Бироқ муҳим ишни барбод қилдинг. Мана энди, шулардан кейин ҳам прицеп билан юриш мумкинлигини исботлаб кўр-чи! Аҳмоқ! Шуҳратпараст!
Эҳтимол, бу сўзлар менинг ўрнимда бошқа одам бўлганида ақлини йиғиб олишга мажбур этармиди, аммо менга энди барибир эди: ўз фикримни ҳали ҳам исботлаб, мақсадга эришишим мумкинми, йўқми, бунга бефарқ қарардим. Агар мен шу пайтгача ўзимча ич-этимни еб юрган бўлсам, энди шу дақиқадан бошлаб кишиларнинг аччиқ тазйиқларини ва менга нафрат билан қарашларини бутун вужудим билан ҳис қила бошладим. Мен гўё уларнинг кўзига ўзимнинг шон-шуҳратимни орттиришга уринувчи шуҳратпараст бир кимса бўлиб кўринаётган эдим. Ҳақиқатда эса бу мутлақо шундай эмасди. Аммо факт фактлигича қолади.
— Четроқ тур! — деб нарига итардим Алибекни. — Сенсиз ҳам юрагим сиқилиб турибди!
Эшикка чиқдим. Совуқ, изғирин шамол ҳовли саҳнидаги қорни учириб ўйнарди. Одамлар мен томонга кўз қирини ташлашиб, ёнимдан жимгина ўтиб кетишарди. Нима қилиш керак? Маҳкам тугилган муштларимни чўнтагимга тиқиб, дарвоза томон юрдим. Музлаб қолган кўлмакчалар оёқ остида ойна сингари чирсиллаб синарди. Оёғимга тавот мойидан бўшаган банкача тўғри келиб қолди. Жоним борича уни дарвозадан кўча томон тепиб юбордим-да, ўзим ҳам ортидан боравердим.
Кун бўйи шаҳарча кўчалари бўйлаб дайдиб юрдим, кимсасиз ҳувиллаб ётган пристанда тентирадим. Иссиқкўлда пўртана қутуриб, қирғоққа боғлаб қўйилган баржалар сув бетида чайқалиб-қалқиб ётарди.
Бир маҳал қарасам, сув транспорти бошқармасининг чойхонасига келиб қолибман. Ёлғиз ўзим дераза ёнига бориб ўтирдим. Олдимда — стол устида оғзи очилган бир шиша ароқ билан тарелкада қандайдир газак турарди. Биринчи стаканни ичишим биланоқ кайфим тарақ бўлиб, оёғим остига анқов кишилардек термилиб ўтирардим. Менинг кўнглим ҳам зангори тутунга чўмиб, маст-аластларнинг пала-партиш гапларига тўлган шу чойхона сингари хира ва ғаш эди.
— Нега ғамгин кўринасан, йигит? — бехосдан бошим узра кимнингдир ёқимли ва хиёл истеҳзоли овози эшитилди. Бошимни аранг кўтардим. Ёнимда Хадича турарди.
— Ҳа, бир ўзинг ича олмаяпсанми? — деб илжайиб ёнимга ўтирди у. — Қани, бирга ичайлик бўлмаса!
Хадича стаканларга ароқ қуйиб, биттасини менга суриб қўйди.
— Ол! — деди у, гўё биз бу ерга анчайин ўтириш ва ичиш учун келгандек, ғурур билан ҳаёсизларча кўз қисиб.
— Сен нимага суюняпсан ўзи? — деб сўрадим норози оҳангда.
— Нима, йиғлайми бўлмаса? Сен турганда менга бошқа нарсанинг кераги йўқ, Илёс! Мен сени сабрли, чидамли деб ўйлаган эдим. Кел, нима бўлса бўлар! — деб секингина кулиб қўйди у ва ёнимга яқинроқ сурилди, қоп-қора нозли кўзларини сузиб, қўлидаги стаканни чўқиштирди.
Биз ичдик. Мен папирос тутатдим. Кўнглим бир оз ёришгандек бўлди: куни бўйи биринчи марта жилмайишим эди.
— Қойилман сенга, Хадича! — дедим ва унинг қўлини қисдим.
Дарвоқе, Хадича ўша кеча жуда очилиб кетган эди.
Кейин кўчага чиқдик. Қош қорайиб қолган эди. Кўл тарафдан эсаётган шўх шамол дарахтларни ва чироқларни тебратиб ўйнарди. Оёқ остимиздаги ер ҳам унга таассуф қилгандек чайқаларди. Хадича қўлтиғимдан тутиб, мени етаклаб борарди, у меҳрибонлик билан ёқамни кўтариб қўйди.
— Мен сенинг олдингда айблиман, Хадича! — дедим ўз гуноҳим ва миннатдорчилигимни яшира олмай. — Аммо шуни билиб қўй, мен сени ҳеч кимга хафа қилдириб қўймайман... Ҳаммасига ўзим жавоб бераман...
— Буларни унутиб юборасан, жонгинам! — деди у. — Ўзинг ҳам тиниб-тинчимагансан-да... Доим қаёққадир елиб югурганинг-югурган. Мен бўлсам сенга ачинаман. Ўзим ҳам илгари шунақа эдим. Ҳаётдан илгарилаб кета олмайсан, ундан насиб қилганини ол... Тақдир билан ўйнашиб нима қиласан...
— Бу ҳар кимнинг тушунчасига боғлиқ! — дея эътироз билдирдим, сўнгра ўйлаб кўриб: — Эҳтимол, сен ҳақдирсан... — деб қўйдим.
Биз Хадича яшайдиган уйнинг шамолга тескари томонида тўхтадик.
— Мана, уйга ҳам етиб келдим! — деди у.
Мен кетмоқчи бўлардиму, бироқ у ердан сира жилолмасдим. Энди иккимиз ўртамизда бир-биримизни боғлаб турувчи қандайдир бир нарса бор эди. Хадичанинг самимийлиги, менга нисбатан ҳамдардлиги ва унинг олдида ўзимни қарздор кишидек сезаётганлигим дарҳол кетишимга йўл бермаётган эди. Бунинг устига, ҳозир ёлғиз қолиб, ётоқхонага боришдан ҳам чўчиётган эдим. Ҳақиқатан у ҳозир жуда очилиб кетган бўлса ҳам баъзида шундай заҳар бўлиб қоладики, ундан ўзингни беихтиёр четга тортишга ҳаракат қиласан.
— Нега ўйланиб қолдинг, жонгинам? — деб сўради Хадича. — Чарчадингми, йўлинг олислик қиляптими?
— Ҳечқиси йўқ, бир амаллаб етиб оламан. Хайр. У қўлимни ушлаб кўриб:
— Вуй-й, музлаб қолибсан-у! Тўхта, иситиб қўяй! — деди-да, қўлимни пальтоси остига яшириб, қаттиқ кўксига босди. Мен қўлимни тортиб олишга, қизнинг бу қайноқ меҳр-муҳаббатига қаршилик кўрсатишга журъат эта олмадим. Қўлим остида унинг юраги гўё кўпдан орзиқиб кутиб юрган ўз улушини талаб қилаётгандек дукиллаб урарди. Ҳа, дарвоқе, мен маст эдим, аммо ҳеч нарсани тушунмайдиган, сезмайдиган даражада учиб қолган эмасдим, албатта. Мен секингина қўлимни тортиб олдим.
— Кетдингми? — деб сўради Хадича.
— Ҳа.
— Хўп, хайр! — деб Хадича хўрсинди-да, қайрилиб, эшик томон тез юриб кетди. Қоронғида эшикнинг «тақ» этиб ёпилгани эшитилди. Мен ҳам йўлга тушдиму, бироқ бир неча қадам юрганимдан сўнг тўхтадим. Бир маҳал қарасам, яна ўша эшикчанинг олдига келиб қолибман, бунинг қандай бўлганини ўзим ҳам билмайман. Эшикни итардим. Хадича мени шу ерда кутиб турган экан. У бўйнимга ташланди, лабларимдан ўпиб, маҳкам қучоқлаб одди.
— Охири қайтдинг-а! — деб пичирлади у, сўнгра қўлимдан ушлаб, уйига етаклади.
Ярим тунда уйғондим, анча вақтгача қаерда эканлигимни билолмай ётдим. Бошим қаттиқ оғрирди. Биз бир каравотда ёнма-ён ётардик. Бадани илиққина, ярим яланғоч Хадича пинжимга кириб олганди. У елкам узра бир маромда тинчгина нафас оларди. Мен ўрнимдан туриб, дарҳол бу ердан кетмоқчи бўлдим. Сал қимирлаб қўйдим. Хадича кўзлари юмукдигича мени қучоқлаб олди. У силлиқ, юм-юмалоқ тиззасини кафтимга қўйди.
— Кетма! — деб шивирлади қулоғимга. Сўнгра бошини кўтариб, қоронғида кўзларимга тикилдида, энтикиб-энтикиб пичирлай бошлади: — Энди сенсиз яшай олмайман! Сен меникисан! Ҳар вақт ҳам меники эдинг! Бошқа ҳеч нарсани билмайман, билишни ҳам истамайман! Мени севсанг бўлгани, Илёс! Сендан бошқа нарса талаб қилмайман... Аммо сендан воз кеча олмайман, тушуняпсанми, ўз орзуларимдан воз кеча олмайман! — деб йиғлаб юборди. Унинг кўз ёшлари юзимга юмалаб туша бошлади.
Мен қолдим. Тонгга яқин уйқуга кетдик. Қарасак роса ухлабмиз. Ташқарида кун ёришиб кетган эди. Тез кийиндим, ёқимсиз, ташвишли бир ҳис юрагимни сиқиб нохуш қиларди. Йўл-йўлакай калта пўстинимни кийиб, шошилиб ҳовлига чиқдим, пўстинимнинг тугмаларини қадарканман, ўзимни «лип» этиб кўча эшикка урдим. Теварак-атрофга назар ташладим, деворнинг муюлишидан малларанг тулки тумоқ кийган одам тўппа-тўғри мен томонга келаверди. Эҳ, уни кўргани кўзим, отгани ўқим йўқ-да! Жонтой ишга кетаётган эди, у бу ерга яқин жойда яшарди. Икковимиз ҳам бир лаҳза серрайиб қолдик. Мен ўзимни кўрмаганликка солдим. Шартта бурилдим-да, автобазага қараб кетвердим. Жонтой орқамдан маънодор йўталиб қўйди. У орқамдан қорни ғарч-ғурч босиб келмоқда эди. Унинг бу шиддатли ғарч-ғурч одимлашида қанчалик заҳархандалик, бировнинг бахтсизлигидан севиниш борлиги равшан англашилиб турарди. Биз то автобазага қадар шу тахлитда олдинма-кейин юриб келдик.
Мен автобазага кираверишдаги йўлакка келганда қадамимни тезлаштирдим ва гаражга бурилмай, тўғри идорага қараб кетдим. Коридорнинг бирор ерида тўхтаб, сал нафасимни ростлаб олишим керак эди.
Бош инженернинг кабинетидан одамларнинг гангир-гунгур овозлари хиёл эшитилиб турарди. Бу ерда одатдагидек эрталабки қисқа йиғин ўтмоқда эди. Агар прицеп воқеаси одамлар хаёлидан кўтарилиб кетган бўлса эди, ҳозир бу ерга жон деб кирган бўлардим. Қани энди мен ҳам кириб дераза токчасигами, бошқа ергами чиқиб олиб, оёқларимни чалиштирганча папи-росимни чекиб, ҳузур қилиб ўтирсам, ёнимда ўтирган ҳамкасабаларим билан у ёқ-бу ёкдан гаплашсам, эрталабки нарядни эшитсам, шофёрларнинг иш соҳасидаги бирор арзимаган нарса юзасидан беғараз сўкишларини ва тортишувларини тинглаб ўтирсам... Шу пайтгача булар инсон учун шунчалик зарур, шунчалик азиз эканини ҳеч тасаввур этмаган эканман. Гарчи шундай бўлса-да, шофёрларнинг кўзларига кўринишга журъат эта олмасдим. Кўрққанлигимдан эмас, йўқ, қўрқоқлик қилганим йўқ. Мени кўпроқ ўша муваффақиятсизлиқдан ғазабланиш, умидсизликка тушиш ва улар олдида беҳаёларча кўрсатган ботирлигим, ожиз қайсарлигим ташвишлантираётган, яна буларнинг устига-устак, Хадича билан тасодифан тунаб қолганим мени изтиробга солаётган эди. Одамлар ҳам менинг қилмишимни ҳали-бери унутмайдиганга ўхшайди. Ичкарида худди менинг ҳақимда сўз борарди. Аввал ичкаридан эшитилиб турган гапларга эътибор бермадим. Аммо бирдан кимнингдир ғазаб билан бақириб гапираётган товуши эшитила бошлади:
— Бу қандай бемазагарчилик! Уни судга бериш керак, сизлар бўлсангиз уни хаспўшлаб ўтирибсизлар! Тағин баъзилар уялмай-нетмай, тўғри ўйлабди, деб уни ҳимоя қилишяпти! Ахир прицепни довонга ташлаб келибди-ку!..
Уни бошқа овоз бўлди:
— Тўғри! Бунақаларнинг кўпини кўрганмиз. Ақл ўргатишга жуда уста. Шуҳрат орттирмоқчи бўлибди, кўнгли мукофот истаб қолибди. Қаранг, автобазага яхшилик қилмоқчи эмиш! Бироқ ҳаммаси чаппасидан кетди!
Одамлар тортиша бошлади. Ғовур-ғувур зўрайиб, ҳеч нарсани англаб бўлмай қолди. Мен нари кетдим, тирқишдан гап пойлашни ўзимга эп кўрмадим. Йўлланма олиш учун диспетчерхонага қараб йўналдим.
— Мен қаёққа бораман? — деб сўрадим ўша куни навбатчилик қилаётган қиздан.
Ҳозирча мени аввалги жойимда қолдиришибди. Афтидан, ҳали менинг масалам узил-кесил ҳал этилмаган кўринади.
Коридор бўйлаб орқага қайтдим. Шофёрларнинг хонадан гур этиб ташқарига чиқаётганларини эшитиб, қадамимни тезлатдим. Улар ҳамон вағир-вуғур гаплашишарди. Алибек йўл-йўлакай кимгадир қизишиб уқтирарди.
Прицепга тормозларни ўзимизда ўрнатамиз. Компрессорда шлангни суғуриб ташлаб, ўрнига колодкани жойлаштириш унча қийин иш эмас-ку! Анови Илёсми? Илёс, тўхта! — деб чақирди у мени.
Мен тўхтамай, гаражга қараб кетавердим. Алибек менга етиб олди-да, елкамдан ушлаб тортди.
— Уҳ, сени қара-я! Тушуняпсанми, ахир ишонтирдим-да! Тайёргарлик қилавер, Илёс! Шерик бўлиб борасанми? Синаб кўрамиз! Прицеп билан!
Менинг дилим ранжиди: мени ёмонотлиқдан қутқармоқчи бўлибди, омадсиз ўртоғини шатакка олар эмиш! Шерик эмиш! Мен унинг қўлини елкамдан силтаб ташладим:
— Прицепингдан ўргилдим!
— Намунча зарда қиласан. Ўзингдан кўр! Мен сенга шунчаки гапираётганим йўқ — биз унча-мунча нарсаларни ўйлаб қўйдик, одамлар билганларини айтишди, қолаверса, довонда ташлаб келган прицепингни ўзим тортиб келганман... Бирон иш чиқиб қолса керак...
— Қилсанг, ўзинг қилавер, мени ўз ҳолимга қўй, бор.
— Қўйсанг-чи, шунча жиннилик қилганинг етар. Ишни ярим йўлда ташлаб кетиш яхши эмас! Ҳа, ростданам, унутаёзибман. Володка Ширяев сенга ҳеч нарса демадими?
— Йўқ, уни кўрганим йўқ. Нима эди?
— Ия, бу қанақаси бўлди! Қаёқларда юрибсан ўзинг? Асал йўлга чиқиб, ким кўрингандан сени сўрайди, хавотир олиб ўтирибди! Сен бўлсанг!..
Турган еримда оёқларим чалишиб кетди, юрак уришим худди тўхтаб қолаёзгандек ўзимни шу қадар оғир сездимки, ҳатто ўлимимга ҳам минг марта рози бўлдим. Алибек бўлса енгимдан тортиб, ҳамон прицеплар учун ясаладиган қандайдир мосламалар ва яна алланималар ҳақида тушунтирарди. Жонтой бир чеккада қулоқ солиб турарди.
— Ўз ҳолимга қўйсанг-чи! — деб қўлимни тортиб олдим. — Мендан нима керак сенларга? Судга бўлса судга беринглар! Шу ёғи ҳам етар! Ҳеч қандай прицепнинг кераги йўқ менга! Ҳеч кимга шерик ҳам бўлмайман! Тушундингми?
Алибекнинг қовоғи осилди, пешонаси тиришди:
— Ўзинг бошлаб, ўзинг ўт қалаб, энди биринчи бўлиб думингни хода қилиб қочмоқчимисан? Шунақами?
— Қандай тушунсанг, шундай тушунавер! — дедим-да, шартта бурилиб, гараж томон кетдим.
Машина олдига келдим, қўлларим қалтирарди, нима қилишни билмасдим. Нима учундир машина остидаги чуқурга сакраб тушдим-да, сал ўзимни босиб олиш учун териб қўйилган ғиштларга ёнбошладим.
— Менга қара, Илёс! — тепамдан шивирлаган овоз эшитилди.
Бошимни кўтариб қарадим: буниси яна ким бўлди! Тумоқ кийиб олган Жонтой менга айёрона тикилганча чуқур тепасида худди қўзиқориндек чўнқайиб ўти-рарди.
— Уни жуда бопладинг-да, Илёс! — деди у.
— Кимни?
— Алибекни-да, активистни! Нақ нишонга урдинг! Дарров нафаси ўчди-қолди, бўлмаса бу новатор қулоқни батангга келтирарди.
— Хўш, сенинг қанчалик ишинг бор?
— Нима ишим борлигини ўзинг ҳам тушуниб турган бўлсанг керак. Биз шофёрларга прицепнинг кераги йўқ. Унинг оқибати қандай бўлишини биламиз: бирортаси ишлаб чиқариш нормасини оширади, йўлни қисқартади, кейин ҳаммаларинг ўша илғор даражасига кўтарилинглар дейилади-ю, бироқ юк ташиш учун тўланадиган ҳақни кесиб қоладилар. Хўш, ким ўз чўнтагига зарар келтиришни истайди? Бир кунлик шуҳрат, обрў кимга керак? Биз сендан хафа бўлаётганимиз йўқ. Ҳа, кўнглинг тўқ бўлсин...
— Биз деганинг кимлар? — деб сўрадим ундан бамайлихотир бўлишга интилиб. Аммо бирдан босиб келган ғазабдан юрагим сиқилиб кетди: — Машинани шатакка олиб кетаётганимда нега нафасингни чиқармай ўтиб кетганингни энди англадим! Олисни кўзлабсан-у, аммо тумшуғинг остидан нарини кўролмабсан, сенингча, бошқалар ҳеч нарсани тушунмайди. Ўзингча мени аҳмоқ деб ўйлаяпсан шекилли! Биз деганинг сенми? — деб сўрадим яна.
— Фақат менгина эмас, — деди Жонтой кўзларини пирпиратиб.
— Ёлгон, мағзай, бит! Сени деб қасддан прицеп билан юрганим бўлсин! Танимда жоним бор экан, айтганимни қиламан. Сен билан ана ўшанда гаплашаман. Қани, туёғингни шиқиллатиб қол-чи!
— Ҳай-ҳай, ҳаддингдан ошма! — деб ўдағайлади Жонтой. — Сенинг ҳам қанақалигингни яхши биламиз... Бироқ ўйлаб кўр... Ановига келсак, давринг келганда юриб қол...
— Ҳе сени!.. — деб жаҳл устида қичқириб юбордим-да, жони қаҳрим билан.жағига туширдим.
У хандақ чеккасига қандай ўтирган бўлса, шундайича орқасига ағанаб тушди. Тумоғи ҳам учиб кетди. Мен хандакдан мушукдек сакраб чиқдим-у унга ташландим. Аммо Жонтой ўрнидан туриб олганди, у ўзини чеккага олиб қочиб, бутун ҳовлини бошига кўтариб додлай бошлади:
— Безори! Каззоб! Мушт билан қўрқита олмайсан мени! Сенинг ҳам адабингни бериб қўядиган куч топилар! Ҳаддингдан ошма, зараркунанда!..
Ҳар томондан одамлар югуриб кела бошладилар. Алибек ҳам чопиб келди.
— Нима гап? Нега урдинг уни?
— Ҳақиқат учун! — дея баттарроқ бақира бошлади Жонтой. — Ҳақ гапни юзига айтганим учун! Прицепни ўғирлаган ҳам ўзи, довонда ағдариб ташлаб кетиб, ишни барбод қилган ҳам ўзи, яна бошқалар виждонан унинг хатосини тузатмоқчи бўлишса, у тумшуққа солади! Энди бу ишдан манфаатдор эмас, чунки обрў ва шон-шуҳратни қўлдан бой бериб қўйди!..
Алибек мен томон юрди. Рангида қони йўқ, оппоқ оқариб кетган, ғазабдан тутилиб-тутилиб гапирарди.
— Аблаҳ! — деб кўкрагимдан итариб юборди у. — Алам қилганидан довон учун қасд оляпсанми? Ўйлама, сенсиз, қаҳрамонларсиз ҳам ишлай оламиз!..
Мен индамай туравердим. Бирон нарсани тушунтириб берадиган ҳолим йўқ эди ҳозир. Жонтойнинг ҳаддан ташқари сурбетларча айтган ёлғон-яшиқ сўзларидан шунчалик изтиробга тутпган эдимки, ҳатто бирон оғиз сўз айтолмай қолдим. Ўртоқларим менга ўқрайиб туришарди. Жонтой бўлса лабидаги қонни тумоғи билан артиб, ҳамон ўкирарди.
Мен машинага сакраб чиқдим-да, автобазадан ташқарига ҳайдаб кетдим.
Йўлда ичиб олдим. Таъбим жуда хира эди. Ўзимга нисбатан бўлган қаҳр-у ғазабни бартараф эта олмас ва сўнгги кунларда бўлиб ўтган ҳамма қилмишларимни унута олмас эдим. Асални эсласам, виждон азобида яна қийналардим.
Дастлабки йўл бўйидаги магазинчалардан бирига кириб чиқдим, фойдаси бўлмади, сўнгра йўл-йўлакай яна бир тўхтаб, тўла стаканни паққос урдим. Шундан кейингина сал енгиллашдим. Кўприклар, йўл бўйидаги белгилар ва қаршидан келаётган машиналаргина кўз ўнгимдан лип-лип ўтиб борарди. Кўнглим анча ёришгандек бўлди. «Эҳ! — дея ўйлардим ўзимча. — Бўлганича бўлар. Сенга нима етишмайди, машинангни ҳайдаб юрибсан, бўлди-да, Хадичанинг бу ишларга нима дахли бор, сенга у нима ёмонлик қилди, бошқалардан унинг қаери кам? Ёшгина, чиройли, дилбар аёл; бўлса. Сени жон-дилидан яхши кўради. Сен учун ҳар нарсага тайёр, сен бўлсанг, у ҳақида бўлмағур турли хаёлларга бориб юрибсан. Ахир у билан ўтказган тунинг ёмон бўлдими. Яхшиликни билмаган аҳмоқ!»
Кечқурун уйга қайтиб келдим. Калта пўстинимни бир кифтимга кийиб олганимча, эшик олдида гандираклаб турибман: мен баъзан рулни бошқариш осон бўлсин учун ўнг енгимни ечиб олардим. Бу болалигимдан одат бўлиб қолган, болалар билан тош отиб, кимўзар ўйнаганимизда ҳам шундай қилардим...
Асал кўзи тушиши билан менга отилди. Аммо қай аҳволдалигимни кўриб қўрқиб, ҳайрон бўлиб туриб қолди.
— Сизга нима бўлди, Илёс? — Сўнгра гап нимада эканлигини англади шекилли: — Вой, нега турибсиз? Чарчадингизми, совқотдингизми? Қани, ечининг! — деди.
Асал ёрдамлашмоқчи бўлиб қўлини чўзди, бироқ чурқ этмасдан унинг қўлини ўзимдан нарига суриб қўйдим. Номус қилаётганимни қўполлик билан бекитишга тўғри келди. Қоқиниб-сурилиб борарканман, ниманидир тарақлатиб тепиб юбордим-да, ўзимни гурс этиб стулга ташладим.
— Бирор нарса бўлдими, Илёс? — деди Асал менга яқинлашиб келаркан, маст-аласт кўзларимга ташвиш билан тикилиб.
— Нима, сен ҳали билмайсами? — деб бошимни қуйи солдим; яхшиси, унинг юзига қарамайин. Мен, Асал ҳозир ўпкалаб, такдирдан нолий бошлайди, деб кутиб турардим. Ўзимни оқламай, ҳар қанча койиса ҳам тинглашга тайёр эдим. Аммо у гўё уйда йўкдек чурқ этмасди. Мен секингина кўз қиримни ташладим. Асал орқасини ўгирганча дераза ёнида турарди. Гарчанд унинг юзини кўрмаётган бўлсам ҳам изтироб чекаётганини ва кўзларида ёш милтиллаб турганини сездим. Унга жуда раҳмим келиб кетди, юрагим эзила бошлади.
— Биласанми, Асал, мен сенга бир нарсани айтмоқчи эдим, — деб гап бошладим журъатсизлик билан. — Шуни айтмоқчиманки! — нафасим бўғзимга тиқилиб ортиқ сўзлай олмадим. Қилган гуноҳимга иқрор бўлишга юрагим дов бермади. Йўқ, у мендан буни ҳеч қачон кутмаган, айта олмайман. Унга раҳмим келганди, аммо бекор қилган эканман. Ўша дақиқада ўзимни-ўзим енга олмадим. — Биз, эҳтимол, бу яқин-орада сизларникига, овулга бора олмасак керак, — деб гапни бошқа ёққа бурдим. — Кейинчалик вақт-соати билан борармиз... Ҳозир бундан кўра зарурроқ ишлар бор...
— Хўп, майли! Кейинроқ борармиз, шошадиган жойи йўқ! — деди Асал ва кўз ёшларини артиб, ол-димга келди. — Ҳозир бу ҳакда ўйламай қўя қолинг, Илёс. Ҳаммаси яхши бўлиб кетади. Яхшиси, ўзингизни ўйланг. Жуда ўзгариб қолдингиз. Сизни ҳеч тушуна олмай қолдим, Илёс.
— Хўп, бўпти! — деб унинг гапини бўлдим, юраксизлик қилиб қўйганимдан жаҳлим чиқиб. — Чарчаганман, уйқум келяпти.
Мен ёлғон-яшиқ сўзларни янада кўпроқ гапириб қўймаслик, орадаги соф севги кўзгусига доғ тушириб қўймаслик учун тезроқ ётиб ухлашим керак эди. Асал ҳам уни-буни сўраб бошимни қотириб ўтирмасди. Мен воқеани бир бошдан оқизмай-томизмай айтиб бермоқчи бўлиб, бир неча бор ҳозирландиму, бироқ орадан вақт ўтган сари иқрор бўлишдан узоқлаша бордим. Билсам, ҳаммасининг ўз мавриди — вақт-соати бор экан. Кайфим тарқалгач, бўлиб ўтган воқеаларни унга энди ҳеч қачон очиқчасига гапириб бера олмаслигимни тушундим. Нега бундайлигини ўзим ҳам билмасдим.
Орадан бир кун ўтгач, қайтишда довоннинг нариги томонида Алибекни учратиб қолдим. У прицеп билан келаётган экан. Дўлан ишғол этилган эди.
Алибек мени кўра солиб, юриб келаётган ерида кабинанинг ўнг эшигидан сакраб тушди-да, қўл силкий бошлади. Мен тезликни камайтирдим. У йўлда беҳад хурсанд ва ғолибона турарди.
— Салом, Илёс! Буёққа чиқ, чекишамиз! — деб қичқирди у.
Мен унга яқинлашиб тормоз бердим. Алибекнинг кабинасида ёшгина йигитча — иккинчи шофёр ўтирарди. Машинанинг ғилдиракларига занжирлар ўраб боғланган. Припепларда пневматик тормоз. Буни мен дарҳол пайқаган эдим. Бироқ тўхтамадим. Менга жуда алам қилган эди. Уддасидан чиқибсан — қойил! Лекин мени тинч қўй.
— Тўхта, тўхта! — деб Алибек орқамдан югура бошлади. — Ишим бор, тўхта, Илёс! Эҳ, шайтон, сенга нима бўлди?.. Хўп, майли! ўзинг биласан...
Мен машинани тезлатдим. Қичқирма. Бизнинг бир-биримизда ҳеч қандай ишимиз йўқ. Менинг ишим аллақачон расво бўлган. Яхши қилмадим, энг яқин дўстим Алибекдан ажралдим. Ахир у ҳақ эди, ҳамма нарсада ҳақ эди, буни энди тушуниб етдим. Аммо ўша пайтда менинг қанчалик асабларимни бузган, қанчалик умримни сарфлаган нарсага у алам қиларли даражада жуда тез ва жуда оддий йўл билан эришганлигини кечира олмасдим.
Алибек чуқур мулоҳазали ва жиддий йигит эди. У ҳёч қачон довонга менга ўхшаб партизанлик қилиб бормасди ҳам. Бунақанги ҳаракатлар унинг табиатига ёт эди. Унинг куч-қуввати, эътибори ҳам худди мана шунда эди. У машинани шерик билан бирга ҳайдаб тўғри қилди. Улар машинани йўлда навбатма-навбат ҳайдашлари, довонни янги кучлар билан қўлга киритишлари мумкин эди. Довонда ҳал этувчи нарса — мотор, ирода ва инсон қўллари. Бунинг устига, Алибек билан шеригининг манзилга бориб келишда бекор кетадиган вақти деярли икки марта қисқарар эди. Буларнинг ҳаммасини у ҳисобга олди, машина компрессоридан прицепга бир вақтда ҳаракат қила оладиган тормоз ўрнатди. У энг оддий нарсани — занжирларни ҳам унутмади, улар билан олдинги ғилдиракларни танғиб қўйди. Хуллас, у фақат «ура» қичқириғи билан эмас, балки шай бўлиб, тўла қуролланган ҳолда довонга ҳужум қилди. Ана шу йўсинда Дўландан машиналар прицеплар билан ўтадиган бўлиб қолди.
Алибекдан кейин довондан бошқалар ҳам прицеплар билан юришга кириша бошлашди. Хдммаси эмас, албатта, аммо одатдагидек ҳар бир ишда ҳам асосий нарса унинг бошланишида-да, ахир. Бу орада машиналарнинг сони ҳам ортиб қолганди, қўшни автобазадан ёрдам юборишганди. Бир ярим ҳафта давомида кечаю кундуз Тянь-Шань трактида машиналарнинг гувиллаши тинмади. Хуллас, қанчалик оғир, қанчалик машаққатли бўлмасин, бизникилар хитойлик ишчиларнинг илтимосини белгиланган муддатда адо этишди, уларни уялтириб қўйишмади. Мен ҳам кўпчилик қатори ишладим. Буларни, энди ҳамма ишлар изига тушиб, орадан шунча йиллар ўтиб кетгандан кейингина айтяпман. Ўша қизғин кунларда эса мен эгарда ҳали мустаҳкам ўтира олмас ва ҳаёт отини ҳам унчалик бошқара олмасдим...
Довон ортида Алибек билан учрашганимиздан сўнг автобазага келганимда, кеч кириб қолган эди. Ётоқхонага қараб йўл олдим, аммо йўл-йўлакай марказий кўча томон бурилдим. Яна чойхонага. Ўша кунларда менинг ҳушдан кетгунча ичиб, ўлгудек маст бўлгим, лоақал бир лаҳза бўлса ҳам ҳамма-ҳаммасини унутиб, тошдек қотиб ухлагим келарди. Мен ўзимни зўрлаб бўлса ҳам жуда кўп ичдим, аммо ароқ менга деярли таъсир этмади. Мен чойхонадан баттар хафа бўлиб, ғазабим қайнаб чиқдим. Тун ярмида шаҳарчада дайдиб юрдим ва нима қилаётганимни ўйлаб-пўйкаб ўтирмасдан Береговая кўчасига, Хадичанинг уйига қараб қайрилдим. У ҳам мени кутиб ўтирган экан.
Кейин ҳам аҳвол ана шундай давом этаверди. Мен икки олов ўртасида қолгандим. Кундузлари ишда, автобазада қолган кечаларим эса дарров Хадичаникига югуриб қолардим. Оёғим уникига тортиб турарди, у билан ўзимни хотиржам ва эркинроқ ҳис қилардим. У ерда гўё ўзимдан, одамлардан ва ҳақиқатдан яширингандек бўлардим. Назаримда ёлғиз Хадичагина мени тушунадигандек ва севадигандек туюларди. Уйимга келганимда эса иложи борича тезроқ жўнаб қолишга ҳаракат қилардим. Асал, азиз Асалгинам! Агар у ўзининг оқкўнгиллилиги ва софдиллиги билан мени уйдан тобора узоқлаштираётганини билса эди. У шу фазилатлари билан мени тезроқ кетиш учун баҳона топишга мажбур қиларди, чунки унга муносиб эмаслигимни, мен учун у қилган барча нарсаларга ўзимнинг сазовор эмаслигимни кўра-била туриб бу ерда ортиқ тура олмасдим. Мен уйга бир неча бор маст бўлиб келдим. Аммо у бирор марта ҳам таъна қилмасди. Ҳали-ҳалигача унинг менга нисбатан шундай муносабатда бўлганини тушуна олмайман: бўшлиги, иродасизлигиданми ёки аксинча, ўта бардошлилиги ва инсонга нисбатан ишончи туфайлими? Ҳа, у албатта менинг ўзимни қўлга олишимни, муваффақиятсизликлар устидан ғолиб келишимни ва яна аввалги ҳолимга қайтишимни кутар, бунга ишонар эди. Аммо ундан кўра мени койигани, бор ҳақиқатни виждонан айтиб беришга мажбур этгани яхшироқ эди. Эҳтимол, Асал менинг юрагимни ўртаб тирнаётган нарсалар фақат ишдаги кўнгилсизликларгина эмаслигини билганида, мендан жавоб талаб қилган бўлармиди?.. У шу кеча-кундузда менинг ҳаётимда нималар содир бўлаётганини тасаввур эта олмасди. Мен эса унга жуда ачинардим, юрак сирларимни очишни доим галга солардим. Натижада, шу тахлитда иш кўриб, унинг олдида, муҳаббатимиз олдида, оиламиз олдида бажаришим лозим бўлган бурчимни адо этишга улгура олмай қолдим.
Сўнгги марта учрашувимизда Асал мени қувонч билан, шавқ-завқ билан кутиб олди. Юзлари гулгун очилиб, кўзлари табассумдан порлар эди. У калта пўстиним ва этигимни ечирмасданоқ тўғри ичкарига судради.
— Буни қаранг, Илёс! Самад энди типпа-тик туряпти!
— Ростданми? Қани у?
— Ҳув ана — стол тагида!
— Полда эмаклаб юрибди-ку!
— Мана ҳозир кўрасиз! Қани, ўғлим, қандай туришингни дадангга бир кўрсатиб қўй! Қани тур, тура қол, Самад!
Самад ундан нима истаётганликларини тушунгандек бўлди. У стол остидан қувониб эмаклаб чиқди-да, каравот ёнида тўхтади, уни ушлаб, зўрға тикка турди. У жилмайиб, нозик оёқларида бир оз каловланиб турдида, кейин ўшандай жилмайганича «гуп» этиб полга ўтириб қолди. Чопиб бориб, уни қучоқлаб олдим-да, баданидан ёқимли сут ҳиди анқиб турган гўдакни бағримга босдим. Худди Асал каби нақадар қадрдон ва азиз эди бу ҳид.
— Секинроқ, Илёс, нафаси қайтиб кетади! — деб Асал қучоғимдан Самадни тортиб олди. — Хўш, энди нима дейсиз? Қани, энди ечининг. У тез кунда каттакон бўлиб қолади, шунда ойиси ҳам ишга боради. Ҳаммаси ўрнига тушади, ҳаммаси яхши бўлиб кетади, шундаймасми, ўғилчам? Сиз-чи, — деб Асал кулимсираб, маъюс кўзлари билан менга боқди. Мен стулга ўтирдим. У ўзининг мана шу бир оғиз сўзи билан сўнгги кунлар ичи айтмоқчи бўлиб юрган, лекин айтолмай юрагида сақлаб келаётган барча гапларини баён этганини пайқадим. Бу сўзларда илтижо ҳам, таъна ҳам, умид ҳам мужассамлашган эди. Мен ўша ондаёқ унга бор гапни сўзлаб беришим ёки тезроқ бу ердан чиқиб кетишим зарур эди. Яхшиси, кета қолай. У беҳад бахтиёр эди ва ҳеч нарсадан шубҳаланмасди. Мен ўрнимдан турдим.
— Мен кетдим, — дедим.
— Қаёққа? — дея сесканиб кетди Асал. — Бугун ҳам қолмайсизми? Лоақал чой ичиб олсангизчи.
— Иложим йўқ. Кетишим керак, — деб тўнғилладим мен. — Ўзинг биласан, ҳозир иш жуда қистов...
Йўқ, мени уйдан ҳайдаётган нарса асло иш эмас эди. Ваҳоланки, йўлга эрталаб чиқишим керак эди.
Қоронғида машина ёнига келиб, кабина ўриндиғига ўзимни гурс этиб ташладим ва аламимдан инграб юбордим, моторни юргизиш учун калитни ўз ўрнига тушира олмай, анча вақтгача тимирскилаб ўтирдим. Сўнгра йўлга чиқдим, деразаларда милтиллаб турган чироқлар орқада қолиб, то кўздан ғойиб бўлгунча ҳайдаб бордим. Дарада, кўприкдан ўтишим биланоқ машинани йўлдан четга буриб, бутазорда тўхтатиб, чироқларини ўчирдим. Шу ерда тунашга аҳд қилдим. Чўнтагимдан папирос олдим. Гутурт қутисида биттагина гугурт чўпи қолган экан. У лов этиб ёндию, ўчиб қолди. Папиросни ҳам қутичага қўшиб кабина ойнасидан улоқтириб юбордим, бошимга калта пўстинни тортиб, оёқларимни йиғиштирганимча ўриндиқда букчайиб ётиб қолдим.
Қоп-қоронғи ва баҳайбат тоғлар устида ой хирагина нур сочиб турарди. Дарада шамол ҳазин гувиллар, очилиб турган кабина эшигини у ёкдан-бу ёққа тебратар эди. У шамолда оҳистагина ғижирларди. Кабинада ётар эканман, ўзимнинг бутунлай яккаю ёлғизлигимни, одамлардан, оиламдан ва автобазадаги ўртоқларимдан ажралиб қолганлигимни ҳали ҳеч қачон ҳозиргидек чуқурроқ сезмаган эдим. Бундан буён бу тахлитда ҳаёт кечириш мумкин эмас эди. Ўзимга-ўзим сўз бердим: сафардан автобазага қайтиб келишим биланоқ, Хадича билан гаплашаман, ундан мени кечиришини, икковимиз ўртамизда бўлиб ўтган ҳамма нарсаларни унутишини илтимос қиламан. Шундай қилсам, виждонан ҳаққоний ва тўғри иш тутган бўламан.
Бироқ ҳаёт бу фикримни бошқачасига ҳал этди. Мен шундай бўлишини ҳеч қачон ўйламаган ва кутмаган эдим. Орадан бир кун ўтгач, эрталаб довондаги базага етиб келганимда, уйда ҳеч ким йўқ эди. Эшик ланғиллаб очилиб ётарди. Дастлаб Асал бирон ёққа: сувгами, ўтингами чиққан бўлса керак, деб ўйладим. У ёқ-бу ёққа қарадим. Хонада ҳамма нарса ивирсиб ётарди. Олов ёқилмаган, қора печкадан қандайдир ёқимсиз совуқ уриб турар, уй ҳувиллаб ётарди. Самаднинг каравоти ёнига бордим — бўм-бўш.
— Асал! — деб шивирладим даҳшат аралаш. «Асал!» — деб шивирлаб акс садо берди деворлар. Мен эшикка ўкдек отилиб чиқдим.
— Асал! — деб қичқирдим ҳовлида туриб. Ҳеч ким жавоб қилмади. Қўни-қўшниларимизникига югурдим, бензинколонкага чопиб бордим, ҳеч кимдан аниқроқ жавоб ололмадим. Одамларнинг айтишича, кеча боласини танишлариникида қолдириб, ўзи кун бўйи қаёққадир кетибди ва тунда қайтиб келибди. «У воқеадан хабар топиб кетиб қолган!» — деган даҳшатли хаёлдан чўчиб кетдим.
Умримда ҳали ҳеч қачон Тянь-Шань тоғларидан машинани ўша, мен учун бахтсиз бўлган кундагидек тез ҳайдамаган бўлсам керак. Мен нуқул қаердадир анови муюлишдан кейин ёки анови дарада, ёки яна қаердадир йўлда унга етиб оладигандек бўлавердим. Гўё бургутдек парвоз қилиб, кетиб бораётган машиналарни қувиб етардим ва уларга ёнма-ён келиб машинага тормоз берардим-да, кабина ва кузовларга кўз югуртириб чиқиб, шофёрларнинг сўкиш-койишлари остида машинани яна илгарилаб елдириб борардим. Мен шу вазиятда радиатордаги сув қайнаб кетмагунча уч соатлар чамаси машинани бетўхтов елдек учириб ҳайдадим. Кабинадан сакраб тушдим-да, радиатор устига қор соча бошладим, сўнгра йўл ёқасидаги пастликдан сув олиб чиққани югурдим. Сувни дарҳол қуйдим. Радиатордан буғ кўтарилар, машина эса пойгадан чиққан отдек уфурарди. Рулга энди ўтирмоқчи ҳам эдимки, Алибекнинг қаршидан келаётган автоприцепига кўзим тушиб қолди. Қувониб кетдим. Гарчанд биз гаплашмай, саломлашмай юрган бўлсак ҳам мабодо Асал уларникида бўлса, барибир у буни менга айтиши керак-ку. Мен йўлга югуриб чиқиб, қўлимни кўтардим-да:
— Тўхта, тўхта, Алибек! Тўхта! — деб қичқирдим.
Рулни бошқариб бораётган навбатчи йигит Алибекка савол назари билан қаради. Алибек эса хўмрайганича тескари бурилиб олди. Машина тўхтамасдан ўтиб кетди. Машина ғилдиракларидан кўтарилган қор тўзони орасида қолиб, анча вақтгача қўлимни кўтарганча туриб қолдим. Сўнгра юзимни артдим. Майли, олмоқнинг бермоғи бор-ку, ахир! Бироқ ҳозир ундан хафа бўладиган даражада эмас эдим. Демак, Асал уларникига бормапти. Бу кўнглимни баттарроқ ғаш қила бошлади. У ўз овулига кетган бўлса керак, бошқа борадиган жойи йўқ. У ота-онаси олдига қайси юз билан бордийкин ва нима деди экан уларга?
Тезда овулга жўнашим керак.
Юкни туширгач, автобаза ҳовлисига кириб ўтирмадим. Машинани кўчада қолдириб, ҳужжатларни топшириш учун диспетчерхонага югуриб кетдим. Бораётиб йўлакда Жонтой билан тўқнашиб қолдим. Унинг ёнидан ўтиб кетдим, у бўлса ортимдан жирканч ва ҳаёсизларча тиржайиб қолди.
Ҳаллослаб диспетчерхонанинг туйнукчасига бошимни суқдим-да, Хадичанинг олдига йўлланмани ташладим. У менга ғалати қилиб бир қараб қўйди. Унинг кўзларидан қандайдир безовталик ва ўзини гуноҳкордек сезаётганлиги ногоҳ сезилиб кетди.
— Тезроқ олсанг-чи! — дедим мен.
— Бирон нима бўлдими?
— Асал... уйда йўқ, кетиб қолибди!
— Ростданми? — деди ранглари оппоқ оқариб кетган Хадича ва ўрнидан турди-да, лабларини тишлаб: — Кечир, кечир мени, Илёс! Ҳаммасига мен, мен... — дея бошлади.
— Нимага мен-менлаб қолдинг! Тушунтириброқ гапирсанг-чи, қани, айт барини! — деб деспетчерхо-нанинг эшигига қараб отилдим.
— Буларнинг ҳаммаси қандай бўлганини ўзим ҳам билмай қолдим, гапларим рост, Илёс. Кеча йўлакда турувчи қоровул туйнук эшикчасини тақиллатиб, бир қиз келиб, сени сўраяпти, деди. Қоровул уни бу ерга чақирди-да, ўзи чиқиб кетди. Мен уни дарҳол танидим. У «жимгина менга тикилиб қаради: «Шулар ҳаммаси рости?»— деб сўради. Мен, мен эса довдираб қолиб, қўққисдан: «Ҳа, рост. Ҳаммаси рост. У мен билан бирга!»— деб юборибман. У чўчиб кетиб, туйнукчадан бошини шартта тортиб олди. Мен эса ошимни столга шилқ этиб ташлаганимча, жинниларга ўхшаб: «Меники у! Меники!» — деб ҳўнграб йиғлаб юбордим. У коридордан югуриб чиқиб кетди, кейин уни кўрмадим... Кечир мени...
— Шошма-шошма. У қаёқдан билдийкин?
— Жонтой айтган. Ўша, у менга ҳам дўқ қилиб юрарди. Унинг аблаҳлигини билмайсанми ахир!
— Биламан. Бироқ у бу гал ҳақиқатни айтибди.
— Сен, Илёс, бор, уни қидириб топ. Мен энди сизларга халақит бермайман. Бирон ёққа бош олиб кетаман...
Машина мени қишки чўл бағридан олиб борарди. Йўлни қалин, кўкимтир муз қоплаб ётарди. Шамол қор уюмларининг йўлларини тараб, ариқ бўйларидаги қорларни қуюн қилиб учириб, ўзи билан олис-олисларга олиб кетарди. Узоқдаги тоғ этакларида шамолда нураган деворлар ва япроқлари тўкилиб шип-шийдам бўлиб қолган овул боғлари элас-элас қорайиб турарди.
Колхозга кечқурун етиб келдим. Машинани менга таниш бўлган хонадон олдига келиб тўхтатдим, нафасимни ростлаб олиш учун папирос тутатдим сўнг унинг қолдиғини ўчириб ташладим-да, сигнал бера бошладим. Аммо Асал ўрнига елкасига пўстин ташлаб олган онаси чиқди. Мен кабина эшигини очиб, зинага тушдим ва секингина:
— Салом, опа! — дедим.
— Ҳа-а, сенмидинг! — деб ғазаб билан жавоб қилди у. — Қилар ишни қилиб қўйиб, тағин мени опа дейишга қандай тилинг борди? Йўқол бу ердан, башаранг қурсин. Саёқ, муттаҳам, лўли! Боламнинг бош-кўзини айлантириб олиб қочибди-да, яна уялмай-нетмай бурнини тортиб келганини қара-я! Беномус! Эл-юрт олдида шармандаи шармисор қилдинг...
Кампир оғиз очиргани қўймасди. У мени оғзига келган аччиқ сўзлар билан тинмай қарғар эди. Унинг бақириқ-чақириғини эшитиб, қўшни ҳовлилардан эркак-аёллар ва болалар тўплана бошладилар.
— Халойиқни чақирмасимдан, бу ердан туёғингни шиқиллатиб қол! Башаранг қурсин, турқингни сира кўрмайин! — ғазабга тўлган она пўстинини ерга улоқтириб ташлади-да, менга томон хезлаб кела бошлади.
— Ҳой, яхшиликча жўнаб қол бу ердан! — деди аллақандай бир киши йўлга томон қўлини ишора қилиб дағдаға билан.
Йўлга тушишдан бошқа илож қолмаган эди. Ахир мени Асал ҳатто кўришни ҳам истамагандан кейин кетиш керак эдида. Машинамга тош ва таёқлар отила бошлади. Болалар мени овулдан ана шундай ҳайдаб қолишди. Нега шундай қилишди экан? Эҳтимол, улар мени бу кампирни ҳақорат қилиб, хафа қилган деб ўйлашдимикин ? Ёки бирон каллакесар деб ўйлашган бўлса керак...
Ўша туни кўл бўйида узоқ дайдиб юрдим. Ой нурида жилоланаётган кўл тўлқин уриб, ўзини қўйишга жой топа олмасди. Ў, Иссиқкўл, мангу қайноқ кўл! Ўша тун муздек совуқ эдинг, илтифотсизлик билан қарши олган эдинг. Мен тўнтарилиб ётган қайиқ устида ўтирарлим. Қирғоқдаги саёзликлар сари ўркач-ўркач бўлиб ёпирилиб келаётган тўлқинлар зарб билан этикларимнинг қўнжига урилар ва пишқириб яна орқага қайтар эдилар.
Сўнг аллаким менга яқинлашиб келди-да, елкамга секингина қўлини қўйди. Бу Хадича эди.

* * *

Бир неча кундан кейин биз бирга Фрунзе шаҳрига жўнаб кетдик. Анорхой дашти яйловларини ўзлаштириш бўйича қидирув ишлари олиб бораётган экспедицияга мен шофёр, Хадича ишчи бўлиб ўрнашдик. Мана шундай қилиб янги ҳаёт бошланди.
Экспедиция билан биргаликда Анорхой чўлининг ичкарисига, нақ Балхаш бўйларигача етиб бордик. Агарда ундан ҳам олисларга бориб қолганимизда ҳам барибир, орқага қайтмаган бўлардим. Ўтмиш билан алоқани узадиган бўлгандан кейин бир умрга узмоқ керак.
Дастлабки пайтларда дард-аламимни иш билан енгдим. Иш эса истаганча топиларди. Уч йилдан ортиқроқ вақт ичида бутун Анорхой даштини кезиб чиқдик, қудуқлар қазидик, йўллар ўтказдик, йўл устида базалар қурдик. Хуллас, ҳозирги Анорхой баланд-паст адирлардан иборат бўлиб, ёвшан билан қопланиб ётган ва ҳатто киши куппа-кундузи адашиб, боши ва оёғи қаёқда эканлигини топа олмай ҳафталаб, ойлаб тентираб юрадиган илгариги ёввойи дашт эмас. Ҳозир у ерлар маданий дам олиш жойлари, уйлар ва қўшарлари бўлган чорвадорлар ўлкасига айланган. Дон экишади, ҳатто чорва учун пичан тайёрлашади. Тўғри, ҳали Анорхойда қўл урилмаган ишлар кўп, биз шофёрларни бўлса қўяверинг, уларнинг иши ҳамма вақт бошидан ортиб ётади. Бироқ мен у ердан қайтиб келдим. Ҳали кўп ерлари нообод, одамлар кам яшайдиган даштда яшаш оғирлигидан ёки бўронли қишда, йўлсиз чўлда тентираб юриш қийин бўлганлиги учун эмас. Бу қийинчиликларнинг бари вақтинчалик нарса, албатта. Агар инсон мустаҳкам ўрнашиб олса, чўлни ўзига бўйсундира олади, у ерга ўзи ҳам кўникиб қолади, чўлни ҳам ўзига мослаштира олади. Хадича иккимиз қийинчиликлардан қўрқмасдик, турмушимиз ҳам ёмон эмас эди, бир-биримизни ҳурмат қилардик. Аммо ҳурмат бошқа-ю, муҳаббат бошқа. Агар бири севиб, иккинчиси севмаса, унда бу ҳам, менимча, кўнгилдагидек ҳақиқий турмуш бўлолмайди. Ё инсон ўзи шундай тузилганми, ё фақат мен табиатан шунақаманми, билолмадим, ҳарқалай, менга доимо бир нарса етишмасди, унинг ўрнини иш билан ҳам, дўстлик билан ҳам, сени севгувчи аёлга нисбатан эътибор ва ғамхўрлигинг билан ҳам алмаштириб ёки ўрнини тўлдириб бўлмасди. Мен Асалнинг олдига боришга яна бир бор уриниб кўрмай, шошма-шошарлик қилиб кетиб қолганим учун кўпдан бери ич-ичимдан ўкиниб юрардим. Анорхойда ўтказган кейинги ярим йил мобайнида бўлса Асал ва ўғилчамни соғиниб юрак-бағрим эзилиб кетди. Тунлари ухлай олмай чиқардим. Самаднинг кулиб, нозик оёқчаларида зўрға тик тургани кўзимга кўринаверарди. Унинг илиқ тафти ва гўдакларга хос майин ҳидини гўё бутун умрга сингдириб олгандайман. Қадрдон Тянь-Шань тоғлари, мавжланиб ётган мовий Иссиқкўл, илк ва сўнгги муҳаббатимни топган тоғ этакларидаги жонажон даштлар мени ўзига тортарди. .Хадича буларнинг ҳаммасини биларди, бироқ мен уни ҳеч нарсада айбламаганимдек, у ҳам мени бирон нарсада айбламас эди. Нега ҳам айблардик? Биз бирга яшай олмаслигимизни ниҳоят тушунган эдик.
Ўша йили Анорхойга баҳор эрта келди. Адирларни қоплаб ётган қорлар тезда эриб, кунлар исиб, ўт-ўланлар кўкара бошлади. Даштга жон кира борди, у иссиқлик ва намликни эмиб буғланиб ётарди. Тунлари ҳаво шишадек мусаффо бўлар, осмонда юлдузлар чарақларди.
Биз пармалаш вишкаси ёнидаги чодирда ётган эдик. Ҳар вақтдагидек уйқу келмасди. Кутилмаганда аллақаёқлардан паровознинг қичқирган овози зўр-базўр эшитилиб, чўл сукунатини бузди. Унинг бу томонларга қай тарзда етиб келганини айтиш қийин. Қозоқ темир йўли биздан дашт бўйлаб ярим кунлик йўл нарида. Ёки менга бу товуш шунчаки эшитилгандек бўлдими, билолмайман. Бироқ юрагим «жиз» этиб кетди. У мени йўлга чорларди. Шунда мен:
— Бу ердан кетаман, Хадича, — дедим.
— Тўғри, Илёс. Ажралишимиз керак, — деди у. Биз ажралишдик. Хадича Шимолий Қозоғистонга, қўриқ ерларга жўнаб кетди. Эҳ, худо, унинг бахтиёр бўлишини чин юракдан истардим. Мен Хадичанинг кўнглидаги одамини топишига, балки ўзи ҳам сезмай-билмай туриб уни излаб юрган йигит билан учрашишига ишонгим келарди. У биринчи эридан ёлчимади. Унга кўнгилсиз бўлиб, ажралишиб кетди. Шунингдек, мен билан ҳам ўз бахтини тополмади. Агар мен ҳақиқий, чинакам севги нима эканлигини, севиш ва севилишнинг маъносини тўла англаб етмаганимда, эҳтимол, у билан турмуш қуриб кетган бўлар эдимми?.. Дарвоқе бу шунақанги нарсаки, унинг нега бундай бўлиши керагу унга ўзгача бўлиши мумкин эмаслигини изоҳлашга ожизлик қилиб қоласан киши.
Хадичани станциягача олиб бориб, поездга ўтқазиб юбордим ва то орқада қолиб кетмагунимча вагон билан ёнма-ён чопиб боравердим. «Сафаринг хайрли бўлсин. Хадича, орамизда ўтган яхши-ёмонни унут!» — деб шивирлаб қолдим сўнгги марта.
Турналар Анорхой осмонидан жанубга томон учиб борарди, мен эса шимолга, Тянь-Шань томон борардим...

* * *

Манзилга етиб келдиму ҳеч қаерда тўхтамасдан, тўппа-тўғри овулга жўнадим. Чамадонимни район меҳмонхонасида қолдирдим. Йўловчи машина ҳам жуда қулай келиб қолди: у тоққа, геолог-разведкачилар ҳузурига кетаётган экан. Мен кузовда борар эканман, ҳеч нарса ҳақида ўйламасликка уриндим, бутун вужудимни бир вақтда ҳам қўрқинч, ҳам қувонч чулғаб олган эди. Биз тоғ этагидаги дашт йўлидан, Асал билан учрашган ўша қадрдон йўлдан кетаётган эдик. Аммо у энди илгариги торгина қишлоқ йўли эмас, балки шағал ётқизилган, бетон кўприклари ва йўл белгиларига эга бўлган кенг ва теп-текис кўча бўлиб кетибди. Мен ҳатто аввалги оддий йўлдан асар қолмаганига бир оз ачингандек бўлдим. Машинам тиқилиб қолган ариқни, Асал ўтирган ўша харсанг тошни ҳам таниёлмай қолдим.
Овулга етмасданоқ кабина тепасини қоқа бошладим.
— Нима гап? — деб бошини чиқариб сўради шофёр.
— Тўхтат, тушаман.
— Ўрта йўлда-я? Ҳозир етамиз-ку.
— Раҳмат! Яқин қолди, — деб магпинадан ерга сакраб тушдим. — Буёғига пиёда бора қоларман. — У менинг қаёққа ва нега келаётганимни қаёқдан билсин. Пул узатдим.
— Қўй! — деди у. — Шофёрлардан, ҳамкасабалардан олмаймиз.
— Ушла буни, шофёрлигим пешонамга ёзиб қўйилгани йўқ-ку.
— Юриш-туришингдан сезиб турибман.
— Хўп, майли, кетавер бўлмаса, саломат бўл! Машина йўлга тушди, у ҳовлилар ортидаги кўчага кириб кўздан ғойиб бўлди. Мен эса эс-ҳушимни йиғиштиролмай ҳамон йўл устида турардим. Шамолга чап бериб сигарета тутатдим. Сигаретани лабимга келтирар эканман, бармоқларим дир-дир титрарди. Бир неча бор босиб-босиб, ичимга тортдим-да, сўнгра ғилдирак изига ташлаб топтаб, йўлга равона бўлдим. «Мана, етиб ҳам келдим», деб ғўлдирадим ўз-ўзимга. Бошқа айтадиган гапим ҳам йўқ эди. Юрагим фикр-хаёлларимни босиб кетмоқчидек гурс-гурс урар, гўё бир нарсани болғалаётгандек қулоғим шанғилларди.
Овул ажабтовур ўзгариб, хийла кенгайиб қолибди, янгидан солинган кўпгина шифер томли бинолар пайдо бўлибди. Кўчаларга симёғочлар ўрнатилиб, симлар тортилибди, колхоз бошқармаси биноси олдидаги симёғочда радио гапирарди. Болалар мактабга чопқиллаб кетишяпти. Улардан сал каттароқ болалар эса университетни битирган ёш ўқитувчилари билан (бу кўкрагидаги значогидан кўриниб турарди) бир гала бўлишиб, алланималар ҳақида ўзаро гаплашиб боришарди. Эҳтимол, уларнинг орасида менга тош ва таёқлар отиб қолган болалар ҳам бордир. Майли, ҳечқиси йўқ, ўша кезларда ҳали улар ёш бола эмасмиди.
Гарчанд мени бу ерда ҳеч ким танимаса ҳам, биров сезиб қолмасин деб кўчанинг бир чеккасидан шошиб борардим.
Мана ўша самбиттолли ва пахса деворли ҳовли. Тўхтаб, нафасимни ростладим. Қўрқув ва ташвишдан баданим музлаб, кўча эшиги томон қатъиятсизлик билан юриб боравердим. Тақиллатдим. Қўлида портфель кўтарган қиз чопиб чиқди. Бу — менга тилини кўрсатиб қочган ўша қизча эди. Энди у мактабга борадиган бўлиб қолибди. Қиз шошилиб турарди. У менга ҳайрон бўлиб қаради-да:
— Уйимизда ҳеч ким йўқ! — деди.
— Ҳеч ким йўқ?
— Ҳа, ойим лесхозга меҳмон бўлиб кетди... Дадам тракторларга сув ташияпти.
— Асал-чи, қаерда у? — деб қўрқа-писа сўрадиму шу заҳотиёқ оғзим қақраб кетаётганини сездим.
— Асал? — деб ажабланди қиз. — Асал аллақачон кетиб қолган...
— Кейин ҳеч келмадими?
— Ҳар йили поччам билан бирга келади. Ойим уни жуда яхши киши деб мақтайди.
Қиздан бўлак ҳеч нарса ҳақида суриштириб ўтирмадим. У мактабига чопиб кетди, мен эса орқага қайтдим.
Бу янгилик мени шу қадар довдиратиб қўйдики, унинг кимга ва қачон турмушга чиққани энди менга барибир эди. Билиб нима ҳам қилдим? Бироқ ўтган йиллар орасида нима учундир Асал бошқа бировга турмушга чиқиб кетгандир, деган фикр ҳеч қачон хаёлимга ҳам келмаган эди. Ахир шундай бўлиши ҳам мумкин эди-ку. Ҳеч қандай дом-дараксиз бир неча йиллар қорамни кўрсатмай кетганимдан кейин, ҳаммани қўйиб мени кутиб ўтирармиди...
Овулдан чиқибоқ, ҳеч қандай машинани кутиб ўтирмасдан, тўғри йўл ёқалаб кетавердим. Агар бирор машина қувиб етганида ҳам уни тўхтатмас эдим. Ҳар қалай, бирон ёққа юришим керак эди, қаёққа бўлса ҳам — дунёнинг нариги чеккасига бўлса ҳам менга барибир эди энди.
Мен бир вақтлар Асални олиб кетган йўлдан борардим. Аммо йўл бурунгича эмас — яхшилаб шиббаланиб, шағал ётқизилганди, Фақат даштгина илгаригича: атрофда қоп-қора шудгору ўриб олингандан кейин қолган сарғиш поялар кўзга ташланарди. Бепоён дашт иссиқкўлнинг нурли ҳошиядек ажралиб турган узоқ қирғоқларини ёриб кириб, тоғ ёнбағирларидан тортиб то уфққа қадар ястаниб ётарди. Қорлар эриб, яланғочланиб қолган ер намга тўйиб кўпчиб ётарди. Аллақаёқларда тракторлар тариллаб, баҳорги шудгорлаш бошлаб юборилганидан дарак берарди.
Роса хуфтонда районга етиб келдим, тунни меҳмонхонада бир амаллаб ўтказдим-да, эрталаб автобазага боришга аҳд қилдим.
Қаёққадир, ўзга ўлкаларга кетишдан энди фойда йўқ эди. Ҳамма орзу-истакларим барбод бўлиб, ҳаммасидан маҳрум бўлган эдим. Энди шунчаки яшаш-у ишлашдан ўзга илож қолмаган эди — уёғи нима бўлишини ким билсин.
Тянь-Шань трактидан машиналар одатдагидек турнақатор тизилишиб у ёқдан-бу ёққа қатнаб турарди, бироқ мен ўзимизнинг автобаза машиналаридан биронтасида кетишни маъқул кўрдим. Мана, таниш машиналардан бири яқинлашиб келмоқда. Қўл кўтардим.
Кабинада ўтирган шофёр ҳадеганда мени пайқамай қолди. Катта тезлик билан келаётган машина ғизиллаб ўтиб кетди-ю, бироқ шу заҳотиёқ таққа тўхтади. Мен чамадонимни қўлга олдим. Шофёр кабинадан чиқди. Бундай қарасам, полкдошим Эрмак, у стажировкани армияда менинг қўлимда ўтаган эди. Эрмак ўша кезларда ҳали ёшгина йигитча эди. У менга қараб жимгина жилмайиб турарди.
— Танимаяпсанми?
— Сержант... Илёс! Илёс Алибоев! — Ниҳоят эслади у.
— Худди ўзи! — деб илжайдиму, аммо ўзимга жуда алам қилиб кетди, одамлар зўр-базўр танигандан кейин, жуда ўзгариб кетибман-да.
Биз йўлга тушдик. У ёқдан-бу ёқдан гаплашиб бордик, армияда хизмат қилган йилларимизни эсладик. Ишқилиб, менинг турмушим ҳақида гап очиб, суриштириб қолмаса бўлгани, деб чўчиб турардим. Аммо Эрмак, афтидан, ҳеч нарсадан хабарсиздек кўринарди. Мен бироз тинчландим.
— Уйга қачон қайтдинг? — деб сўрадим мен.
— Ишлаётганимга мана икки йил бўлди.
— Алибек Жонтурин қаерда?
— Билмадим. Мен келсам, у кетиб қолган экан. Айтишларича, Помирнинг аллақаеридаги автобазада бош механик бўлиб ишлаётган эмиш.
«Қойилман, Алибек! Қойилман сенга, дўстим! Пухта йигитсан!» — деб ундан беҳад хурсанд бўлдим. Демак, охири ўз мақсадига эришибди-да, у армияда хизмат қилиб юрган кезларидаёқ автомобиль ва йўл техникумида сиртдан ўқиб юрган эди. У институтни ҳам сиртдан тугатишни орзу қилиб юрарди.
— Бошлиқларинг Омонжўловми?
— Йўқ, янги одам. Омонжўлов министрликка кўтарилиб кетди.
— Сенингча, қалай, мени ишга олишармикин?
— Нега энди олишмасакан, олишади, албатта. Биринчи класс шофёрсан, ахир армияда ҳам яхшилар қаторида эдинг-ку.
— Қачонлардир шундай эдим, — деб тўнғилладим мен. — Жонтойни-чи, биласанми уни?
— Бизда унақа одам йўқ. Ҳеч қачон эшитмаганман ҳам.
«Ҳа, автобазада озмунча ўзгаришлар бўлмапти...» — деб хаёлимдан ўтказдим. Кейин сўрадим:
— Прицеплар билан ишлаш қалай? Довондан олиб ўтяпсизларми ?
— Ҳа, бемалол ўтиб юрибмиз, — деди у эътиборсизгина. — Юкнинг қанақалигига боғлиқ. Зарур бўлса тиркаб олишади-ю, кетишаверади. Ҳозир машиналар жуда бақувват эмасми...
Бу прицеплар менга нақадар қимматга тушганини у билмасди. Анорхой даштида ишлаб юрган кезларимда ҳам бу ҳодиса ҳақида кўп бош қотирардим. Бу ишда биргина мен айбдорманми ёки яна қандайдир бўлак сабаблар ҳам бормикин? Агар бундай ўйлаб қаралса, бу жуда оддий, унча бош қотириб ўтирадиган иш эмас эди. Қанчалик оғир ва қанчалик қийин бўлмасин, Дўландан прицеп улаб ўтиш мумкин эканлиги охири исботланди-ку, эндиликда, агар зарурият туғилиб қолса, бемалол олиб ўтиляпти-ку. Аммо бари бало шундаки, бирор янгилик ўзининг ишда қўлланилишини талаб этаётгандек, эшигингни қоқиб турган тақдирда ҳам ўз вақтида сезиб ололмаймиз. Нега одамлар менинг таклифимга шунчалик ишончсизлик билан қарашди? Бу таклифни тоғ шароитида амалга ошириш ҳақиқатан ҳам қийинлигидан ташқари, яна бизнинг трассада машиналардан фойдаланиш ва юк ташиш қонун-қоидалари инструкцияси ҳам бор эди, унда довондан прицеп улаб ўтиш ман этилганди. Худо билади, бу инструкция қачон ишлаб чиқилган экан.
Эҳтимол урушдан аввал полуторкаларга мослаб тузилгандир. Бу бечора полуторка прицеп уёқда турсин, ҳатто ўзи теп-текис йўлдан аранг юрарди. Эндиликда ҳеч қандай инструкциянинг ҳожати йўқ эди. Янги маркали, жуда бақувват замонавий юк машиналари вужудга келди-ю, аммо қоғоздаги нарсалар эса то ҳаётнинг ўзи ўчириб ташламагунча эскилигича сақланиб келаверди. Майли, бу кичкина ва алоҳида бир масала, дейлик, бироқ шунга ўхшаш нарсалар бошқа, янада муҳимроқ ва янада каттароқ ишларда юз бериб қолиши мумкин-ку, ахир. Энди-ку, ўртоқларимнинг юк ортиш станциясидаги беодоблигим учун салкам дўппосламоқчи бўлганларидан хафа эмасман-а. Лекин ўша вақтда худди ана шу нарса менинг жаҳлим чиқиб кетишига ва қизиқ устида ҳеч нарсани ўйлаб ўтирмай, прицепни довонга олиб кетишимга сабаб бўлган эди-да...
Хуллас, ўзимнинг қадрдон автобазамга қайтдим. Биринчи куни Эрмак ўз уйига таклиф қилди. Яхшигина кутиб олди. Учрашганлигимиз шарафига бир оз ичамиз, деди. Аммо мен ичмадим, кўпдан бери ичмасдим, ичиш ниятим ҳам йўқ эди.
Автобазада ҳам яхшигина кутиб олишди. Ишга қабул қилишди, ётоқхонада яшай бошладим. Мени танийдиган ошна-оғайниларимнинг жиғимга тегиб, уни-буни сўраб-суриштиравермаганларидан жуда хурсанд бўлдим. Кўриб турибдиларки, бир кимса қаёқлардадир тентираб юриб, яна ўз ўртоқлари ҳузурига қайтиб келиб, виждонан ҳалол ишлаяпти — жуда яхши. Ўтган ишни қўзғашнинг нима ҳожати бор? Ўзим ҳам ҳаммасини унутишга, бир умрга унутишга ҳаракат қилардим. Мен бир вақтлар оилам билан яшаб турган ўша довондаги база олдидан ўтиб бораётиб, атрофга назар ташламай, ҳатто бензинколонкадан бензин ҳам олмай, ғизиллаганимча ўтиб кетардим. У ерда бир дақиқа бўлса ҳам ушланиб қолмаслик учун тўхтамасдан четлаб ўтардим. Аммо барибир мени ҳеч нарса қутқара олмади, ўзимни ўзим алдай олмадим.
Автобазага қайтганимга ҳам анча вақт бўлди. Трасса мени ўзига жалб этиб олди, унга яна кўникиб қолдим. Машинани ҳар оҳангга солиб ҳайдардим, моторни барча тезликларда ва баландликларга чиқишда синаб кўрдим. Қисқаси, ўз ишимни билардим ва унга шўнғиб кетдим.
Ўша куни Хитойдан қайтиб келаётган эдим. Бамайлихотир, ҳеч нарсани ўйламай папирос чекиб, рул чамбарагини айлантирганча, ҳар томонга назар ташлаб келардим. Айни баҳор, теварак-атроф кишини ўзига мафтун этарди. У ер-бу ерга ўтовлар тикилаётган эди: чорвадорлар баҳорги яйловларга чиқишаётган эдилар. Ўтовлар узра кўтарилган кўкиш тутунлар кўкка бўй чўзишарди. Шамол безовталаниб кишнаётган от овозини олиб келди. Қўй-қўзилар йўл ёқасида ўтлаб юришарди. Болалик чоғларим эсимга тушиб кетди, кўнглим хиёл ғаш тортди... Кўлга яқинлашиб қолганимни биламан, бирдан чўчиб, сесканиб кетдим: оққушлар!
Шу билан ҳаётимда иккинчи марта Иссиқкўлда баҳорги оққушларни кўришим эди. Кўм-кўк Иссиқкўл узра оппоқ қушлар гир айланишиб парвоз қилишарди. Тўғри бораётиб, нимагалигини ўзим ҳам билмай, машинани йўлдан кескин бурдим-да, худди ўтган сафаргидек, қўриқ ерни кесиб, кўлга томон ҳайдай бошладим.
Ў, Иссиқкўл, Иссиқкўл, қирғиз диёрининг сўнмас қўшиғи! Нега мен яна ўша кунни, Асал билан сув бўйида, тепаликда тўхтаган кунни эсладим-а! Ҳа, ҳозир ҳам ҳаммаси аввалгидек: оқ-кўкиш тўлқинлар гўё қўл ушлашиб олгандай саф тортишиб ўркач-ўркач бўлиб, сарғиш қирғоқларга мингашар эдилар. Ётоғига йўл олган қуёш тоғлар ортига аста-секин ботиб бормоқда, этакдаги сувлар эса қонталашгандек қизғиш тусда товланарди. Оққушлар тантанавор чағиллашиб чарх уришарди. Улар бирдан қанот қоқиб юқорига парвоз қилардилару яна қанотларини ёзиб чувиллаб пастга сузиб тушар, сувга тўш уриб, қат-қат ҳалқачалар ҳосил қилардилар. Ҳа, ҳамма-ҳаммаси айни ўша манзаранинг ўзи-ю, аммо ёнимда Асал йўқ эди, холос.
Ҳозир қаерларда юрибсан, қизил дуррачали сарвқоматим?
Кўл бўйида алламаҳалгача қолиб кетдим. Кейин автобазага қайтиб келдим, ундан чиқиб сабр-тоқатим тугаб, кайфиятим тағин бузила бошлади. Юрагимда қўзғалган дард-аламларни босиш учун яна чойхонага бордим. Чойхонадан жуда кеч қайтдим. Атроф қоп-қоронғи, осмонни булут қоплаган эди. Қувурдан отилиб чиқаётгандек дарадан гувиллаб эсаётган кучли шамол қутуриб дарахтлар қаддини эгиб-букар, сим-ёғочлардаги симларга урилиб чувиллар ва майда тошларни киши юзига келтириб урар эди. Кўл эса чайқалиб тўлғанарди. Мен ётоқхонага зўр-базўр етиб олдиму ечиниб ўтирмасдан ўзимни каравотга ташладим.
Эрталаб бошимни кўтара олмасдим, сирқираб рғрирди. Ташқарида юракни сиқувчи қор аралаш ёмғир шивалаб ёғарди. Ишга боришга ҳафсалам келмай, уч соатлар чамаси ағанаб ётдим. Бундай ҳодиса, яъни ҳаттоки, ишнинг ҳам кўнглимга хуш келмаётганлиги ҳаётимда биринчи марта содир бўлаётган эди. Аммо кейин ўзимдан ўзим уялиб кетдиму йўлга чиқдим.
Машина мажоли қуригандек имиллаб борарди, тўғрироғи, ўзимнинг табиатим хира эди. Бунинг устига, ҳаво ҳам айнаган эди. Қаршимдан кабиналари ва бортлари қорга ботган машиналар чиқиб турарди. Демак, довонда қор ёғаётган экан. Майли, ёғса ёғаверсин, менга нима, бўрон туриб бермайдими, менга барибир, нимадан қўрқаман, нима бўлса бўлар...
Авзойим жуда бузуқ эди. Тепамда турган кўзгучага қараб кўнглим айнаб кетди: соқол-мўйловим ўсиб кетган, худди касалдан тургандек юзларим сўлғин, қовоғим шишган эди. Йўлда бир оз тамадди қилиб олсам бўларди, эрталабдан бери туз тотганим йўқ, аммо овқатга иштаҳам йўқ бўлса ҳам ичишдан қочмасдим. Ўзингга бир марта эрк бердингми, бас, кейин тўхтатиб олиш қийин. Биринчи стакандан сўнг анча тетикланиб, ўзимга келдим. Машина ҳам енгил юриб бораётгандек бўлди. Кейин яна йўлда югуриб кириб юз грамм ичиб чиқдим, кейинроқ бунинг устига яна озроқ отиб олдим. Йўл ғириллаб ортда қолиб борар, ойна тозаловчи чўткалар у ёкдан бу ёққа бориб келарди. Машина билан жангга кириб бораётгандек эгилиб олиб, оғзимдаги сигаретани чайнардим. Қаршидан келиб, кабина ойналарига кўлмак сувларни сачратиб, ғизиллаб ўтиб кетаётган машиналарнигина кўрардим, холос. Мен ҳам тезликни ошира бордим, кеч кириб қолган, тоққа келганимда зим-зиё тун эди. Мана шу ерга келганимда ароқ ўз кучини кўрсата бошлади. Мадорим қуриб, кўзим тиниб, йўлни кўриш тобора қийинлаша борди. Кабина ичида димиқиб кетдим, кўнглим айний бошлади. Ҳали ҳеч қачон бунчалик маст бўлмаган эдим. Юзимдан шаррос тер қуйиларди. Ўзимни машинада эмас, гўё олға томон шиддат билан тун бағрини ёриб бораётган иккала чироқ нурлари ўртасида ўтириб кетаётгандек ҳис қилардим. Нурлар билан биргама-бирга мен ҳам гоҳ ёруғлик тушиб турган чуқурликка зарб билан отилиб тушар, гоҳ титраб-қалтираб қоялар устида ўрмаловчи нурларга тирмашиб юқорига кўтарилар, гоҳ нурлар кетидан қувлаб у ёқдан бу ёққа югураётгандек бўлардим. Ҳар дақиқа сайин ҳолдан тойиб боравердим. Бироқ ҳар қанча оғир бўлса ҳам тўхтамасдим, чунки рулдан қўлимни уздимми, бас, машинани энди бошқара олмаслигимга ақлим етиб турарди. Ўша пайтда довоннинг қаерида бораётганимни аниқ эслаёлмайман. Оҳ, Дўлан, Дўлан, Тянь-Шаннинг ҳайбатли бели! Сенда юриш бунчалар мушкул! Айниқса тунда, яна мен сингари кайфи ошган шофёр учун!
Машина аллақандай баландликка зўр-базўр кўтарилди-ю, бирданига пастликка, тоғ этагига қараб шўнғиди. Кўз ўнгимда тун гир-гир айланиб, ҳаммаёқ ағдар-тўнтар бўлиб кетди. Қўлларим энди менга итоат қилмай қўйганди, рул чамбарагидан сирғалиб тушар, тезлик ричагини тута олмас эди. Борган сари машинанинг тезлиги ошиб, пастга томон учиб борарди. Сўнг алланимага урилди шекилли, тарақа-туруқ, шарақлаган овозлар эшитилди. Чироқлар ўчиб, кўз ўнгимни зим-зиё қоронғилик босди. Қалбимнинг аллақаерида: «Мана, аварияга ҳам учрадинг!» — деган фикр ялт этиб кетди.
Шу кўйда қанча вақт ётганлигимни билмайман. Бир пайт қулоғимга пахта тиқиб қўйилгандек бир овоз аранг эшитилди. «Қани, ёрит-чи!» Кимнингдир қўллари елкамни, бошимни ва кўкрагимни пайпаслаб кўрди. «Тирик, аммо ўлардек маст», — деди ўша овоз. Бошқаси эса: «Йўлни бўшатиш керак», — деди унга.
— Қани, дўстим, сал сурил-чи, рулни менга бер, машинани четга олайлик! — ҳалиги қўл елкамга секингина туртарди.
Мен инграб, рулдан зўрға бошимни кўтардим. Пешонамдан қон оқарди. Кўкрагим эзилиб шикастланган экан, қаддимни кўтаришга йўл қўймасди. Тепамдаги киши гугурт чақиб, юзимга қаради. Сўнгра яна иккинчи марта гугурт чақиб, яна тикилди-да, қўнғир мўйловлари остидан ҳайратланиб жилмайди.
— Дўстим, сенга нима бўлди! Бу қанақаси? — дерди у хафаланиб ғамгин оҳангда қоронғилик орасидан.
— Машина... қаттиқ шикастланибдими? — дедим хириллаб қон аралаш туфлаб.
— Йўқ, унчалик эмас. Фақат бораётиб зарб билан сурилиб кетган-у, кўндаланг бўлиб қолган, холос.
— Ундай бўлса ҳозир жўнаб кетаман, йўлда турмайман! — деб ўзимга итоат қилмай қўйган қалтироқ қўлларим билан моторни юргизмоқчи бўлиб стартёрни босишга уриндим.
— Тўхта! — деб у мени маҳкам қучоқлаб олди. — Майнабозчилик етар. Чиқ бу ёққа. Тонг отгунча ухлаб ол-чи, эртага уёғини яна кўрармиз...
У мени кабинадан тортиб чиқарди.
— Камол, сен йўл тирбанд бўлиб қолмасдан машинани чеккага чиқариб қўй, кейин нима бўлганини аниқлармиз! — деди у ҳамроҳига, ўзи бўлса қўлларимни бўйнига солиб, қоронғида қаёққадир етаклади. Биз узоқ юрдик, у одам мени жимгина етаклаб борар-ди, мен иложи борича ўзим юришга ҳаракат қилардим, бироқ тезда толиқиб қолавердим, шунда у одам яна қўлтиғимга кириб етаклашда давом этарди. Шу йўсинда биз аллақандай хонадонга етиб келдик. Бояги киши қўлтиғимдан тутиб туриб, уйга киришимга ёрдамлашди. Кираверишдаги хонада керосин чироқ ёниб турарди. У киши мени табуреткага ўтқазиб, устимдан калта пўстинимни еча бошлади. Шундагина мен унинг юзига қарадим. Уни танидим. Бу йўл тузатувчи уста, довонда машинани шатакка олганимда учрашган ўша Бойтемир эди. Мен жуда уялиб кетдим, лекин шунга қарамай, севиндим ҳам, энди узр сўраб, ташаккур изҳор этмоқчи бўлиб оғиз жуфтлаган ҳам эдимки, шу пайт полга бир нима тарақлаб тушди. Мен қайрилиб қарадим ва елкаларимдан улкан тош босиб тургандек ўрнимдан хиёл кўтарилдим. Остонада, сочилиб ётган ўтинлар олдида тошдек серрайиб қотиб қолган Асал турарди.
— Бу нимаси? — деб пичирлади у. «Асал!» — деб қичқириб юборишимга сал қолди, аммо унинг яқинлашмай, бегона қиёфада тикилиб турганидан оғиз очолмай қолдим. Уят ва номусдан ўт бўлиб ёниб, бошимни қуйи солдим. Хонага бир зум юракни ёриб юборгудек оғир сукунат чўкди. Агар Бойтемир бўлмаганида, билмадим, нима бўларди. У ҳеч нарса бўлмагандек бамайлихотир мени ўрнимга ўтқазди.
— Ҳеч нарса бўлгани йўқ, Асал, — деди у хотиржамгина. — Шофёр бир озгина шикастланибди, тузалиб кетади... Сен, яхшиси, йод берсанг бўларди бизга...
— Йод? — энди унинг овози ўз ҳолига қайтган, майинлашган ва ташвишли эди. — Йодни қўшнилар олиб кетишган эди... Ҳозир олиб чиқаман! — дея Асал эс-ҳушини йиғиб олди-да, югуриб ташқарига чиқиб кетди.
Мен қимир этмай, лабларимни тишлаганимча ўтирардим. Кайфим тарқаб, бир зумда ҳушимга келиб қолдим... Энди чакка томирларим лўқиллаб ура бошлади.
— Аввал ювиш керак, — деди Бойтемир пешонамдаги шилинган жойларни кўздан кечираркан, кейин челакни кўтариб ташқарига чиқиб кетди. Қўшни хонадан кўйлакчан, ялангоёқ, беш ёшлар чамасидаги бир бола мўралаб қарарди. У ётган жойидан туриб келган бўлса керак, катта-катта синчков кўзлари билан менга термилиб боқарди. Мен уни дарҳол танидим. Қандай таниганимни ўзим ҳам билмайман, ҳар қалай, ўғлим эканини сездим, қалбим сезди буни.
— Самад! — деб шивирладим кутилмаган учрашувдан овозим бўғилиб ва унга қараб интилдим. Шу пайт остонада Бойтемир пайдо бўдди, мен уни кўриб, негадир бир чўчиб тушдим. Чамаси, ўғлимнинг отини атаб чақирганимни эшитиб қолган бўлса керак. Худди ўғирлик устида қўлга тушгандек, ўзимни жуда ноқулай сеза бошладим. Хижолат тортаётганимни сездирмасликка интилиб, пешонамдаги шилинган ерни қўлим билан бекитганимча:
— Бу сизнинг ўғлингизми? — деб сўрадим. Нега шунақа деб савол бердим-а? Бу хатоим учун ўзимни ҳозиргача кечира олмайман.
— Менинг ўғлим! — деди мезбонга хос хушмуомалалик билан Бойтемир. У қўлидаги челакни полга қўйди-да, Самадни кўтариб олди. — Менинг ўғлим, албатта, ўз ўғлим, шундай эмасми, Самад! — дерди у ўғлини ўпиб ва мўйлови билан унинг бўйниларини қитиқлаб эркалаб. Бойтемирнинг овозида ва ўзини тутишида сохталикдан асар ҳам йўқ эди. Унинг барча ҳатти-ҳаракатлари шунчалик табиий эдики, гўё менинг ўрнимда менинг ролимни адо этаётгандек эди. — Ҳа, тойчоғим, нега ухламаяпсан? Ҳамма нарсадан хабардор бўлсанг-а, қани, ўрнингга чопқилла-чи!
— Ойим қани? — деб сўради Самад.
— Ҳозир келади. Ана келяпти. Бор энди, ўғлим, ухла.
Асал жимгина югуриб кирди ва бизга сергаклик билан тезгина назар ташлаб чиқди-да, йодли шишачани Бойтемирга бериб, ўғлини олиб кетди.
Бойтемир намланган сочиқ билан юзимдаги қонни артди.
— Бирпас чидайсан энди! — деб ҳазиллашди у шилинган жойларимга йод сураркан ва жиддий суратда: — Бу ишинг учун сени ўтда куйдирса ҳам бўларди-ю, майли, энди, меҳмонимизсан-да... Мана тамом, қутулдинг, битиб кетади. Асал, бизга чой қўйиб юборсанг бўларди.
— Ҳозир! — деди Асал ўғлини аллалай туриб. Бойтемир полга ёйилган кигиз устига икки қават
кўрпача солиб, ёстиқ қўйди.
— Буёққа ўтиб ўтир, — деди у менга. — Ёнбошла, бир оз дамингни ол...
— Ҳечқиси йўқ, раҳмат! — деб ғўлдирадим мен.
— Ўтир, ўтиравер, ўз уйингдек бемалол ўтиравер! — деб қаттиқ туриб олди у.
Буларнинг ҳаммаси гўё тушимда бўлаётгандек эди. Мана ҳозир ҳаммаси ошкор бўлади, қани энди ер ёрилса-ю, ерга кириб кетсанг, деган қўрқув ва ташвишдан юрагим тарс ёрилиб кетаёзгандек эди. Чунки мен бу ерга нақадар аянчли аҳволда: маст, ифлос ва қонга бўялган ҳолда келганимни пайқаган эдим. Уф, онам нега туққан экан мени-я!
Асал бизга қарамасликка ҳаракат қилиб, самоварни олди-да, ташқарига олиб чиқиб кетди.
— Мен ҳозир сенга ёрдамлашиб юбораман, Асал! — деди Бойтемир унинг орқасидан. У Асалнинг кетидан энди чиқмоқчи бўлиб турган эди, Самад яна ўрнидан ирғиб турди. Унинг мутлақо ухлагиси йўқ эди.
— Сенга нима бўлди, Самад! — деб меҳрибонлик билан бош чайқади Бойтемир.
— Амаки, сиз тўппа-тўғри кинодан чиқдингизми? — деб сўради ўғлим жиддий, олдимга яқинроқ келиб.
Мен унинг нима ҳакда гапираётганини тушунмадим, Бойтемир бўлса хахолаб кулиб юборди.
— Вой, тентаг-ей, — деб куларди Бойтемир боланинг ёнига чўккалаб ўтирганича. — Тоза ичакларни уздинг-ку. Биз конга кино кўргани бориб турамиз! — деди у менга мурожаат қилиб. — У ҳам биз билан бирга боради.
— Ҳа, мен кинодан чиқдим! — деб умумий кулгига қўшилдим.
Аммо Самад қовоғини солиб олди-да:
— Ёлғон! — деди.
— Нега энди ёлғон бўларкан?
— Бўлмаса, анов уришадиган қиличингиз қани?
— Уйга ташлаб келдим...
— Менга кўрсатасизми, амаки? Эртага кўрсатасизми?
— Хўп, хўп, кўрсатаман. Қани, буёққа кел-чи, сенинг отинг нима, Самад-а, тўғрими?
— Самад. Сизнинг отингиз нима, амаки?
— Меникими... — дея нафасим ичимга тушиб кетди.— Менинг отим Илёс амаки, — дедим зўр-базўр.
Бойтемир шошиб қолди:
— Сизлар бу ерда гаплашиб ўтира туринглар, биз ҳозир чой қайнатиб келамиз. — У остонада тўхтади. — Сен, Самад, бориб ёт, кеч бўлиб қолди.
— Дада, яна озгина ўтира қолай! — деб ёлворди Самад.
— Ҳа, майли! — деб рози бўлди Бойтемир. Самад олдимга келди. Мен унинг қўлларини силадим: у менга ўхшарди, жуда ўхшарди. Ҳатто қўллари ҳам, кулгиси ҳам худди меникига ўхшарди.
— Катта бўлганингда ким бўласан? — деб сўрадим мен қандай бўлмасин, ўғлимни гапга солмоқчи болиб.
— Шофёр бўламан.
— Машинада юришни яхши кўрасанми?
— Жудаям... Қўл кўтарсам, ҳеч ким мени машинасига чиқармайди...
— Эртага мен сени ўйнатиб келаман. Бўптими?
— Бўпти. Мен сизга ўзимнинг ошиқларимни бераман! — У ошиқларни олиб келиш учун нариги хонага чопиб кириб кетди.
Дераза ортида самовар карнайидан ўт чиқиб турарди. Асал билан Бойтемир алланималар ҳақида гаплашишарди. «Самадимизнинг нима деганини эшитганингдами, ичагинг узиларди», — деди Бойтемир қувонч билан тараша ёраётиб. Қизиқ, Асал ҳам айтарли бирон нарса бўлмагандек хотиржамгина жавоб берди: «Ҳа! У шунақа, нимани кўрса, шуни гапираверади!»
Самад архар терисидан ясалган халтачадаги ошиқларини пишиллаб кўтариб келди-да, олдимга сочиб ташлади:
— Танлаб олинг, амаки! — деб у ранг-баранг бўёқларга бўялган ўз бойлигини намойиш қила бошлади.
Мен эсдалик учун биттасини олмоқчи бўлдим-у, аммо журъат эта олмадим. Эшик очилиб, қайнаган самоварни кўтариб Бойтемир кирди. Унинг кетидан Асал кўринди. У чой дамлагунча, Бойтемир бизнинг олдимизга юмалоқ хонтахтани келтириб қўйди-да, дастурхон ёзди. Биз Самад билан ошиқларни йиғиштириб, уларни яна халтачага солиб қўйдик.
— Ўз бисотини кўз-кўз қилаяпти, аҳ, мақтанчоқ! — деб севиб тортқилади Бойтемир Самаднинг қулоғидан.
Орадан сал ўтмай биз самовар атрофида ўтириб чой ича бошладик. Биз бир-биримизни гўё ҳеч қачон кўрмагандек ва билмайдигандек ўтирардик. Шунинг учун бўлса керак, ўзимизни хотиржам тутишга, камроқ гаплашишга тиришардик. Фақат Самадгина ўзини эркин тутарди. У Бойтемирнинг тиззасига чиқиб олиб, пинжига тиқилганича бошини сарак-сарак қилиб ўйнарди.
— У-уҳ, доим мўйловингиз одамни қитиқлайди-я, дада! — деб типирчиларди у ва ўзи унга ёпишиб чаккасини мўйловига тегизар эди.
— Эҳтиёт бўл, чойга куйиб қоласан! — деб огоҳлантирди Бойтемир.
Ҳали бу гўдак атрофида ўтирган биз катталарнинг ҳар биримиз ҳозир ўз ўй-хаёлларимиз билан банд эканлигимизни фаҳмламас эди. Бизнинг такдиримиз бугун фавқулодда тўқнашиб қолиши кимнингхаёлига келибди дейсиз. Буларнинг ҳаммаси нима билан тугалланаркан?..
Бошқа одамни «дада», деб эркаланаётган ўз ўғлим билан ёнма-ён ўтириш менга осон дейсизми? Висолида қанчалар азоб ва изтироб чекканим Асал, менинг азиз Асалим рўпарамда ўтирган бўлса-ю, кўзларига тик қарашга журъат эта олмасам. Қандай қилиб бу ерга келиб қолдийкин у. Севиб қолиб турмушга чиқдимикин? Гўё мен унга мутлақо бегона, мутлақо нотаниш кишидек, у ўзини танимасликка солаётган бўлса, мен буни қаёқдан билайин ахир? Наҳотки у мендан шу қадар нафратланган бўлса? Бойтемир-чи? Наҳотки у менинг аслида ким эканлигимни пайқамаётган бўлса? Самад иккимиз бир-биримизга ўхшашимизни наҳотки сезмаётган бўлса? Нега у довонда машинани шатакка олганимиздаги учрашувимизни ҳатто эсламади ҳам? Ё унутдимикин?..
Уйқуга ётганимизда мен ўзимни янада оғирроқ сездим. Менга шу ернинг ўзига, кигиз устига ўрин солиб беришди. Мен деворга қараб ётардим, чироқ пилиги хиёл пасайтирилган. Асал бўлса идиш-товоқларни йиғиштирмоқда эди.
— Асал! — деб чақирди Бойтемир секингина қўшни хонанинг қия очиқ турган эшигидан.
Асал унинг олдига борди.
— Кўйлагини ювиб қўйсанг бўларди, — деди у. Асал стулдан қонга беланган катак-катак кўйлагимни олди-да, юва бошлади. Бироқ шу заҳотиёқ ювишдан тўхтади. Бойтемир томонга ўтгани эшитилди.
— Радиаторнинг сувини тўкиб қўйдиларингми? — деб сўради у шивирлаб. — Тағин музлаб қолмасин...
— Тўкилган, Камол тўкиб ташлади! — деди Бойтемир ҳам шивирлаб. — Машина деярли лат емаган... Эрталаб ёрдамлашамиз...
Мен эса машина ҳақида ўйламабман ҳам: на радиатор ва на мотор кўринарди кўзимга.
Асал кўйлакни ювиб бўлиб, уни печка тепасига ёяр экан, чуқур хўрсиниб қўйди ва чироқни ўчириб, чиқиб кетди.
Уйни қоронғилик қоплади. Ҳаммамизнинг ҳам ухламай ётганимизни сезиб ётардим. Ҳар биримиз ўзимизча ёлғиз ўй-хаёлларимиз билан эдик. Бойтемир ўғли билан бир каравотда ётибди. У нималардир деб Самадни эркалар, уйқусида типирчилаб тепкиланса, кўрпани устига тортиб ёпиб қўярди; Асал гоҳо-гоҳо оғир хўрсиниб қўярди. Унинг қоронғида худди ёмғирда қолган тошдек йилтираётган кўзлари менга кўриниб турарди... Улар балки ёш билан тўладир. Нима ҳакда, ким ҳақида ўйлаётганикин? Энди у бир эмас, уч киши ҳақида қайғуриши керак эди... Эҳтимол, у ҳам худди мен сингари бир-биримизни боғлаб турувчи ўша ўтмиш кунларни, лаззатли ва изтиробли дамларни хотиридан бир-бир ўтказаётгандир. Аммо энди унинг висолига етолмайман, шунингдек, унинг ўй-фикрларини ҳам билолмайман. Кейинги йиллар ичида Асалнинг ўзи ҳам, кўзлари ҳам ўзгариб кетган эди... Энди бу кўзлар аввалги, ишонч билан боқиб, меҳр, соддадиллик билан порлаб турувчи ғуборсиз кўзлар эмас эди. Улар вазмин ва жиддийлашган эди. Бироқ Асал мен учун ҳамон ўша дашт қучоғида яйраб ўсган сарвқоматлигича қолган эди. Унинг ҳар бир хислат, хусусият ва хатти-ҳаракатлари мен учун таниш ва қадрдон эди. Бу эса бир аламимни икки қилиб, қалбимни ўртаб тирнарди. Аламимдан ёстиқ бурчагини тишлаганимча ғинг демай ётардим. Тонггача мижжа қоқмадим.
Деразадан кўкда сузиб юрган ой булутлар орасидан ёғду сочар, дам-бадам ўз жамолини кўрсатиб қўярди.
Эрта тонгда Асал билан Бойтемир хўжалик ишлари билан ҳовлига чиқиб кетганларида мен ҳам ўрнимдан турдим. Жўнаш керак эди. Секин одимлаб бориб Самадни ўпдим-да, тезда хонадан чиқиб кетдим.
Асал ҳовлида тош ўчоққа ўрнатилган катта қозонда сув иситмоқда эди. Бойтемир ўтин ёрарди. Биз у билан бирга машина томон кетдик. Жимгина папирос чекишиб борардик.
Машина кечаси йўл чеккасидаги бетонли устунчаларга урилган экан. Улардан иккитаси таг-туги билан қўпорилиб ётарди. Машинанинг чироғи синган, қаноти ва олдинги қисми пачақланган, ғилдираги бир томонга хиёл қийшайиб кетганди. Биз буларнинг ҳаммасини лом ва болға билан озми-кўпми тузатдик. Сўнг моторни юргизолмай узоқ вақт азоб чеқдик. Мотор довонда музлаб қолган эди. Картерни машъал ёқиб қиздирдик, кейин икки кишилашиб ручкани айлантира бошладик. Елкаларимиз тўқнашиб, кафтимиз ручка дастасини айлантиравериб қизиб кетди, бир-биримизнинг юзимизга илиқ нафасимиз уриларди, иккаламиз ҳам бир ишни бажарар эдик, эҳтимол, ўй-хаёлларимиз ҳам бир ердан чиқар.
Моторнинг ўт олиши жуда қийин бўлди. Иккаламиз ҳам ҳансирай бошладик. Шу орада Асал икки челак иссиқ сув келтирди ва уларни жимгина олдимга қўйди-да, ўзини четга олиб турди. Сувни радиаторга қуйдим. Сўнгра яна Бойтемир билан биргаликда ручкани бир-икки айлантириб юборган эдик, ниҳоят мотор ишлаб кетди. Мен кабинага ўтирдим. Мотор нотекис, узилиб-узилиб ишларди. Свечаларни текшириш учун Бойтемир капот остига кирди. Шу чоғ палточасининг тугмалари қадалмаган Самад ҳансираганича чопқиллаб келиб қолди ва машинанинг атрофидан ғизиллаб чопа бошлади. Чунки у машинага миниб сайр қилиш иштиёқида эди. Асал уни тутиб олди-да, қўлидан маҳкам ушлаб олганча, кабинанинг ёнига ўтиб турди. У менга таъна қилгандек, шунақа ҳам алам ва ачиниш билан термилдики, ўз гуноҳимни ювиш ва уларни яна ўзимга қайтариш учун шу дамда лозим бўлса ҳар нарса қилишга тайёр эдим. Мен кабинанинг очиқ эшигидан энгашиб қарадим:
— Асал! ўғлимизни олиб ўтир! Ўтган галгидек машинага ўтқазиб олиб кетаман, бир умрга олиб кетаман! Ўтир! — деб мотор шовқини остида ёлворардим унга.
Асал ҳеч нима демади, жиққа ёшга тўлган кўзларини жимгина четга буриб, «йўқ», дегандек бош чайқади.
— Ўтирайлик, ойи! — дея унинг қўлидан тортқилади Самад. — Ўйнаб келамиз!
У ўғлини силтаб ташлади ва уни қўлидан қўймай нарига етаклаб кетди. У бошини қуйи солганча атрофга назар ташламай борарди. Самад эса орқага тортқилар, кетгиси келмасди.
— Тайёр! — деб қичқирди Бойтемир капотни ёпиб, кейин, асбоб-ускуналарни менга узатди.
Йўлга тушдим. Яна қўлим рулда, яна йўл, тоғ-тошлар, машина мени учириб олиб кетмоқда, унинг мен билан қанчалик иши бор...
Асал билан ўғлимни довонда ана шу йўсинда топдим, биз шу хилда учрашдик ва ажрашдик. Чегарага бора-боргунча ва қайтишда бутун йўл бўйлаб ўйлаб ўйимга ета олмадим. Чеки-чегараси йўқ ўй-хаёллардан чарчаб кетдим... Энди бу ерлардан бошим оққан томонга қараб бош олиб кетишим керак эди, бу ерда қолишим мумкин эмас эди.
Бунга мен қатъий қарор қилдим, шу хаёллар билан орқага қайтдим. Довондан ошиб ўтдим ва йўл участкасидан ўтиб кета туриб Самадни кўриб қолдим. У йўл ёқасида бир ўғил бола ва ўзидан бир оз каттароқ бир қиз бола билан ўйнаб юрган эди. Улар тошқўрғон ўйнашарди, яъни тошлардан ҳовличалар ва моллар учун қўралар қуришмоқда эди. Эҳтимол, илгарилари ҳам уларни йўл ёқасида кўргандирману, аммо таний олмагандирман. Демак, деярли ҳар куни ўғилчамнинг ёнгинасидан ўтиб-қайтиб юрганимни ўзим пайқамай юрган эканман. Машинани тўхтатдим.
— Самад! — деб чақирдим мен тойчоғимни. Кўргим келиб кетди. Болалар менга қараб чопқиллаб келишди.
— Амаки, бизни машинада ўйнатгани келдингизми? — деб олдимга чопиб келди Самад.
— Ҳа, озгина сайр қилдирмоқчиман сизларни! — дедим мен.
Болалар чувиллашиб, ҳаммаси бирданига кабинага чиқишди.
— Бу бизнинг таниш амакимиз, — деб мақтанарди Самад ўртоқларига.
Мен уларни бир оз сайр қилдиргандек бўлдим. Аммо шу билан ўзимни шу қадар қувноқ ва шу қадар бахтиёр ҳис қилар эдимки, болаларнинг ўзлари ҳам бунчалик ҳузур қилмаган бўлсалар керак. Сўнгра уларни машинадан туширдим.
— Қани энди уйларингга чопинглар! — Болалар чопқиллаб кетишди. Мен ўғлимни тўхтатдим:
— Шошмай тур, Самад, сенга озроқ гапим бор! — деб уни қўлимга олиб, бошим узра юқорига кўтардим, юзига узоқ тикилиб турдим сўнгра кўксимга босиб, ўпиб-ўпиб олдим-да, пастга туширдим.
— Қилич қани, олиб келдингизми, амаки? — деди Самад эсига тушиб қолиб.
— Э, ёдимдан кўтарилиб кетибди-ку, ўғлим, энди келаси сафар олиб келаман! — деб ваъда бердим унга.
— Энди эсингиздан чиқармайсиз-а, амаки? Биз бояги жойда ўйнаб юрамиз.
— Яхши, қани энди тезроқ чоп!
Автобазада дурадгорлик устахонасида ёғочдан учта ўйинчоқ қилич ясаб, ўзим билан бирга олиб юрдим.
Болалар ҳақиқатан ҳам мени кутиб туришган экан. Мен уларни машинада яна бир оз айлантирдим. Ўғлим ва унинг ўртоқлари билан дўстлигимиз ана шундай бошланди. Улар менга тез кўникиб қолишди. Узоқдан кўзлари тушиши биланоқ бир-биридан ўзишиб чопиб қолишарди.
— Машина, машинамиз келяпти! — деб қичқиришарди.
Менга яна жон кириб, одамбашара бўлиб қолдим. Йўлда кетаётиб руҳим тетик, димоғим чоғ кетар ва ўзим билан бирга қандайдир ноёб ҳис-туйғуларни элтиб борардим. Йўл ёқасида мени ўғлим кутиб турганини билардим. Лоақал бир-икки минут бўлса-да, у билан ёнма-ён ўтириш мен учун катта бахт-ку. Энди бутун фикр-у хаёлим қандай бўлса ҳам ўғлимнинг олдига ўз вақтида етиб бориш ташвиши билан банд эди. Мен ҳамма вақт довондан кундузи ўтишни мўлжаллардим. Илиқ баҳор кунлари эди, болалар доим очиқ далада ўйнаб юришарди. Шунинг учун ҳам мен уларни кўпинча йўл ёқасида учратардим. Азбаройи шу учунгина яшаётгандек ва ишлаётгандек туюларди менга: ўзимда йўқ бахтиёр эдим... Аммо баъзан юрагим қўрқувдан орқасига тортиб кетарди. У ёкда йўл участкасидагилар болаларни машинада ўйнатиб юрганлигимни билишадими-йўқми, билмадиму, аммо ўғлимнинг мен билан учрашишини ман этишлари, уни йўл ёқасига чиқармай қўйишлари мумкин эди. Мен бундан жуда қўрқардим. Асал билан Бойтемирдан бундай қилмасликларини, лоақал мана шу оний учрашувлардан мени маҳрум этмасликларини дилимдан ялиниб-ёлвориб сўрардим. Аммо бир куни худди шундай бўлди...
Биринчи Май байрами яқинлашиб келмоқда эди, ўғлимга совға қилмоқчи бўлиб, унга ўзиюрар машина — худди меникига ўхшаш юк машиначаси сотиб оддим. Ўша куни автобазада ўралашиб қолиб, йўлга кечроқ чиққаним учун жуда шошилардим. Эҳтимол, шунинг учун ҳамми, кўнглим алланарсани олдиндан сезаётгандек ғаш тортаётган эди, бекордан-бекор ҳая-жонланиб, хавотирланардим. Йўл участкасига яқинлашиб борар эканман, Самаднинг қанчалик хурсанд бўлишини кўз олдимга келтириб, ўроғлиқ ўйинчоқ машинани ёнимга солиб қўйдим. Гарчи унинг бундан кўра яхшироқ ўйинчоқлари бўлса ҳам, бу алоҳида совға — шофёр бўлишни орзу қилиб юрган жажжигина болага йўловчи таниш шофёрнинг совғаси эди. Аммо бу гал Самадни учратолмадим. Болалар усиз чопиб келишди... Мен кабинадан чиқдим:
— Самад қани?
— Уйда, касал бўлиб қолди, — деди бир бола.
— Касал бўлиб қолди? Боши оғрияптими ёки бошқа ерими?
— Йўқ, у касал эмас! — деди билағонлик билан қизча. — Ойиси буёққа юбормаяпти!
— Нега?
— Билмайман. Борма, деяпти.
Тарвузим қўлтиғимдан тушиб, кайфиятим бузилди. Мана шу билан тамом, вассалом!
— Ма, олиб бориб бер, — деб ўроғлиқ ўйинчоқни ҳалиги болага узатдим, бироқ шу заҳотиёқ фикримдан қайтдим. — Йўқ, қўя қол, — ўйинчоқни қайтиб олиб, бошимни қуйи солганимча машина томон кетдим.
— Нега амакимиз бизни машинага чиқармади? — деб сўради бола опасидан.
— Касал бўлиб қолди, — деди опаси қовоғини солиб.
.Ҳа, қизча тўғри топганди. Бу хабар мен учун ҳар қандай касаллиқдан ҳам ортиқ эди. Бутун йўл давоми-да ўйланиб бордим... Наҳотки Асал мендан шу даража кўнгли қолган бўлса, наҳотки у менга нисбатан шу қадар бағритошлик қилса? Мен қанчалик ёмон бўлмай, наҳотки унинг заррача ичи ачимаса! Йўқ, ишонгим келмасди... Асалнинг шу даражага бориши мумкин эмас, бу ерда бошқа бир гап бор... Хўш, нима бор? Мен қаёқдан билай... Шу чоғ, ўртоғи айтганидек, ўғлимнинг бир оз тоби қочиб қолган бўлса керак, деб ўзимни ўзим ишонтиришга уриндим. Нега унга ишонмаслигим керак экан? Ахир ҳақиқатан ҳам шундай бўлиши мумкин-ку. Мен бунга ўзимни шу даражада ишонтириб қўйган эдимки, кейин бу фикримдан ўзим ҳам чўчиб кетдим. Ўғлимнинг иситмалаб ва алаҳсираб, илондек тўлғаниб ётгани бир-бир кўз олдимдан ўтаверди... Балки бирон ёрдам зарур бўлиб қолар, дори-дармон келтириш ёки касалхонага олиб бориш керак бўлиб қолар. Ахир улар шаҳарда эмас, довонда яшашади! Жуда қийналиб кетдим. Орқага қайтишга шошилдим, қандай тадбир-чора қўллаш мумкин эканлигини тасаввур эта олмасдиму, бироқ хаёлимдан биргина нарса ўтарди: тезроқ етиб боришу, агар, ўғлим соғ-саломат бўлса, кўриб кўнгилни жойига тушириш. Мен уни учратишимга ишонардим, буни қалбим айтиб турган эди. Худди қасддан қилгандек, бакда ёнилғи тамом бўлиб қолди, машинани довондаги бензоколонка олдида тўхтатишга тўғри келди.

* * *

Ҳикоясининг шу ерига келганда ҳамроҳим Илёс жимиб қолди. Қизиб кетган юзларини кафти билан ишқалаб, чуқур хўрсиниб қўйди-да, қия очилиб турган вагон деразасини охиригача суриб, билмадим, нечанчи марта экан, яна чека бошлади.
Вақт ярим кечадан ошган эди. Биздан бошқа йўловчиларнинг ҳаммаси ухлаб қолишган бўлса керак. Ғилдираклар релсларга «тақ-тақ» урилиб, ўзларининг туганмас қўшиғини куйлаб борарди. Деразалар ортидан ёзги тун пардаси ғизиллаб ўтиб турар, станцияларнинг ер бағирлаб ёниб турган чироқлари милт-милт этиб ўтарди. Паровоз елиб бораётиб қаттиқ чинқирди.
— Худди мана шу пайтда сиз менга учраган эдингиз, оға, мен эса сизнинг илтимосингизни бажо келтиролмаган эдим. Энди сизга ҳаммаси аён бўлган бўлса керак, — деб ҳикоясини давом эттираркан, хомушгина жилмайиб қўйди қўшним. — Сиз бензоколонка олдида қолган эдингиз, сўнг «Победа»да мендан ўзиб кетдинглар. Буни кўрган эдим. Айни, шу пайт довон этагига ёмғир ёғиб ўтганди...
Ҳа, машинани қаттиқ ҳаяжон ичида ҳайдаб борардим. Ниҳоят қалб сезгиларим мени алдамаган эди. Самад йўл ёқасида кутиб турарди. У машинани кўриши биланоқ йўлни кесиб чопқиллаб қолди:
— Амаки! Шофёр амаки!..
Демак, ўғилчам соғ-саломат! Эҳ, ўзимда йўқ суюниб кетдим, қувончим ичимга сиғмасди!
Мен машинани шартта тўхтатиб, кабинадан сакраб тушиб, ўғлимга пешвоз югурдим.
— Нима бўлди, оғайни, касал бўлиб қолдингми?
— Йўқ, ойим юбормади. Унинг машинасига чиқмагин, дейди. Мен йиғладим, — деб арз қиларди Самад,
— Хўш, ҳозир қандай қилиб келдинг?
— Дадам, агар биров болаларни машинада ўйнатаман деса, қўявер, ўйнатаверсин, деди.
— Ростданми?
— Мен шофёр бўламан, дедим...
— Албатта шофёр бўласан, бўлганда ҳам қандай де! Биласанми, мен сенга нима олиб келдим? — Мен ўйинчоқ машинани олдим. — Бунга қара, ўзиюрар «ЗИЛ»ча, кичкинтой шофёрларга жуда боп машинада бу!
Бола оғзи қулоғига етиб жилмайди.
— Мен доим, ҳар доим сиз билан бирга машинада юраман-а, амаки? — деб ёлворувчи кўзлари билан термилди менга. Кўнглим бузилиб кетди.
— Албатта, ҳар доим! — деб ишонтирдим уни. — Истасанг, Биринчи май байрамида шаҳарга бирга борамиз, машинани байроқчалар билан ясатамиз, кейин сени яна олиб келиб қўяман. — Нега мен унга бу сўзларни айтганлигимни, бунга қанчалик ҳаққим борлигини ва айниқса, ўз сўзларимга нега бирдан ўзим ҳам ишониб қолганлигимни ҳозир тушунтириш қийин эди. Бу ҳам етмагандек, яна сўзларимга эрк бериб гапиравердим. — Агар ёқса бутунлай меникида қоласан! — дедим ўғлимга жуда жиддий суратда. — Биз кабинада яшаймиз, мен сени доим ўзим билан бирга олиб юраман. Бўптими?
— Бўпти! — жон-жон деб рози бўлди Самад. — Машинада яшаймиз! Кетдик, амаки, ҳозир кетамиз!..
Баъзан катталар ҳам болалик қилиб қўяди. Биз кабинага ўтирдик. Мен ишонқирамай моторни юргиздим, стартёрни босдим. Самад жуда хурсанд эди: мени тортқилар, эркаланар, ўриндикда ирғишларди. Машина қўзғалди. Самаднинг қувончи ичига сиғмасди, тинмай куларди, рулни, қаршисидаги кнопкаларни кўрсатиб алланималар деб бижирлаб гапирарди. Унга қўшилиб мен ҳам хурсанд бўлиб кетдим. Аммо бирдан эс-ҳушимни йиғиб олдим. Бутун вужудимни иссиқ аланга қоплаб олди; нима қиляпман ўзи?! Машинага тормоз бердим. Аммо Самад тўхтатишга кўнмади:
— Тезроқ, амаки, тезроқ ҳайданг! — дерди у. Боланинг илтижо билан бахтиёр боқишларини қандай қилиб рад эта олардим. Тезликни янада оширдим. Эндигина ғизиллаб учиб бораётган эдикки, йўлга гудрон ётқизиб юрган грейдер кўриниб қолди. Грейдер бурилди-да, смолали суюқликни йўлга ётқизганича бизга томон келаверди, унинг кетидан эса суюқликлар солинган улкан қозонлар орқасида Бойтемир турган экан. У грабарка билан йўлга ётқизилган гудронни текисламоқда эди. Мен довдираб қолдим. Машинани тўхтатмоқчи бўлдиму, аммо кечиккан эдим: Самад билан аллақанча ерга келиб қолган эдик. Мен бошимни пастроқ эгдим-да, жон-жаҳдим билан газни босдим. Бойтемир ҳеч нарсани сезмай қолди. У бошини кўтармай ишлаб ётган эди: бу ердан ўтиб турган машиналар кам дейсизми? Қайси бирига ҳам қарарди! Бироқ Самад уни кўриб қолди:
— Ана дадам! Амаки, келинг, дадамни ҳам чиқариб оламиз, майлими? Тўхтатинг, дадамни чақираман!
Мен индамасдим. Энди тўхтатишнинг иложи йўқ эди, унга нима дейман ахир? Самад бирдан орқасига қайрилиб қаради, қўрқиб кетди-да, қичқириб йиғлаб юборди:
— Дадамга бораман! Тўхтат, дадамга бораман! Тўхтат, тушаман! О-о-йи-и!..
Муюлишдаги қоя орқасига ўтиб машинани тўхтатдим. Ўғлимни овутишга урина бошладим:
— Йиғлама, Самад, йиғлама, қўй! Ҳозир олиб бориб қўяман. Лекин йиғлама!
Аммо қўрқиб кетган бола ҳеч нарсага қулоқ солмасди.
— Йўқ, тушаман! Дадамга бораман! Оч! — деб кабина эшигига ёпишиб тақиллата бошлади. — Оч, дадамга бораман ҳозир! Оч!
Ана холос, жуда ғалати иш бўлди-ку.
— Йиғламагин-да, ахир! — деб ялиниб-ёлвориб, уни кўндиришга уринардим. — Ҳозир очаман, йиғламасанг бўлгани! Дадангнинг олдига ўзим олиб бориб қўяман! Қани, туш-чи, кетдик!
Самад ерга сакраб тушди-да, йиғлаганча орқага чопиб кетди. Мен уни ушлаб қолдим:
— Шошма! Кўзингни арт. Йиғлама. Жон ўғлим, йиғламагин! Машинанг қолди-ку, олмайсанми? Мана қара! — Мен шошиб ўйинчоқни олдим-да, қалтироқ қўлларим билан мурватини бурадим. — Қара, сенга қараб чопиб кетяпти, қани тутиб ол-чи! — Машинача йўлда ғизиллаб юриб кетди ва тошга урилди-да, йўл ёқасидаги ариққа чирпирак бўлиб учиб тушди.
— Керак эмас! — деди у ва яна баттарроқ йиғлаб, орқасига қарамай қочиб кетди.
Мен бўлсам донг қотиб қолдим. Томоғимга қайноқ думалоқ бир нарса қадалгандек бўлди. Мен ўғлимга етиб олиш учун яна орқасидан чопдим:
— Тўхтаб тур, йиғлама, Самад! Тўхта, мен сенинг... мен, мен сенинг, ўзинг биласан-ку! — Бироқ давомини айтишга тилим келмасди...
Самад орқасига қайрилиб қарамай чопиб борарди, у муюлишдан ўтиб кўздан йўқолди. Мен қоягача чопиб бориб, қочиб кетаётган ўғлимнинг орқасидан қараб қолдим.
Унинг йўлда ишлаётган Бойтемир олдига югуриб бориб, унга ўзини ташлаганини кузатиб турдим. Бойтемир Самаднинг олдида чўққайиб ўтирди-да, уни қучоқлаб бағрига босди. Бола ҳам мен томонга қўрқиб, хавфсираб қараб, унинг бўйнидан қучоқлаб олди.
Бойтемир грабаркасини елкасига ташлаб, Самаднинг қўлидан ушлади. Улар йўл бўйлаб узун-қисқа етаклашиб кетишарди.
Мен қояга суянганимча узоқ турдим сўнгра орқага қайтдим. Ўйинчоқ машинача олдида тўхтадим. У ариқда тўнтарилиб ётарди. Кўз ёшларим юзимдан оқиб туша бошлади. «Мана, ишнинг пачаваси чиқди!» — дедим машинамга, унинг капотини сийпалаб. Моторнинг иссиқ тафти юзимга гуп этиб урилди... Энди ўғлим билан сўнгги учрашувимизнинг шоҳиди бўлган машинамга нисбатан ҳам қандайдир меҳр-муҳаббатим ошиб кетган эди...

* * *

Илёс ўрнидан туриб, эшикка томон юрди.
— Бироз соф ҳаводан нафас олай, — деди у.
Мен купеда қолдим. Ёришиб келаётган саҳар осмонининг бир парчаси дераза ортидан оқариб, тебраниб ўтиб борарди. Ғира-ширада симёғочлар лип-лип ўтиб турарди. Чироқни ўчирса ҳам бўларди.
Мен Илёс билмаган, аммо менга аён бўлган нарсаларни унга айтиб берсаммикин, йўқмикин, деб чалқанча ўйтаб ётардим. Аммо у ҳадеганда купега қайтиб келавермади. «Майли, дам олволсин, эртага айтарман», деган қарорга келдим. Айтмай яхши қилган эканман, чунки эртасига яна ўйлаб кўриб, бу фикримдан қайтдим.
Мен йўл мастери Бойтемир билан деярли ўша кезларда — Илёс Асал билан ўғлининг довонда яшаётганлигидан хабар топган чоғларда танишган эдим. Помирда Қирғизистон йўл ишчиларининг ўзаро текшириш ва тажриба алмашиш бўйича делегациясини кутишаётган эди. Шу муносабат билан Тожикистон республика газетаси қирғизистонлик тоғ йўли ишчилари ҳақида очерк ёзиб беришимизни илтимос қилган эди.
Делегация орасида энг яхши йўл мастерларидан бири Бойтемир Қулов ҳам бор эди.
Мен Бойтемир билан танишиш мақсадида Дўланга келдим.
Биз у билан қўққисдан учрашиб қолдик ва бу учрашув мен учун жуда муваффақиятли бўлди. Довонга етай-етай деб қолганимизда автобусимизни қўлида қизил байроқча тутган ишчи тўхтатди. Билсак, йўлда ҳозиргина тоғ ўпирилиши юз бериб, йўл тузатувчилар уни тозалаётган экан. Мен автобусдан чиқиб, ўпирилиш юз берган жойга қараб кетдим. Тоғ тепасида пастга қараб тош аралаш ер кўчиб, йўлга қулаб тушибди-да, ўзи билан бирга йўлнинг бир чеккасини тўсиб қўйилган бетон устунчаларни ҳам қўшиб тик қиялик бўйлаб жарликка қараб ўпириб кетибди. Йўлнинг бу қисми тахта қолиплар ёрдамида қайтадан тикланаётган эди. Бульдозер уйилиб қолган тупроқни пастликка суриб туширарди. Бульдозер юролмайдиган жойларни эса ишчилар белкураклар билан тозалаб, шиббалашарди. Брезент плаш ва кирза этик кийиб олган киши булдозер билан ёнма-ён юриб, тракторчига йўл-йўриқ кўрсатмоқчи эди:
— Хиёл чапроққа бур! Яна бироз ичкарига! Тахта қолиплар устидан ҳайда! Ҳа, шундай! Тўхта! Орқага!..
Йўл деярли тозалаб бўлинган эди. Шофёрлар иккала томондан тинмай сигнал беришиб, соқчи ишчиларни сўкиб, йўлни очишни талаб қилишарди, аммо плашли киши буларга парво қилмасди. У булдозерни мўлжалланган ердан юришга ва қолиплар ичидаги тупроқни яхшилаб шиббалашга қайта-қайта мажбур этарди. «Бойтемир деганлари шу бўлса керак. У ўз ишининг кўзини биларкан!» — деган қарорга келдим мен. Ҳа, янглишмабман, бу айни шу кишининг ўзи экан. Ниҳоят, йўл очилиб, машиналар ҳаракатга тушиб қолишди.
— Сиз нима қилиб турибсиз, автобусингиз кетиб қолди-ку? — деди менга Бойтемир.
— Мен сиз билан учрашгани келдим. Бойтемир таажжубланмади ҳам. Мен билан оддийгина қўлимни маҳкам қисиб кўришди.
— Меҳмондан қочмаймиз, хурсанд бўламиз.
— Сизда ишим бор эди, баке, — дедим уни ҳурматлаб. Ўзимни ҳам танитдим. — Йўл тузатувчиларимизнинг Тожикистонга боришидан сизнинг хабарингиз борми?
— Ҳа, эшитувдим.
— Гап бундай. Помирга кетишингиз олдидан сиз билан гаплашиб олмоқчи эдим.
Мен келишдан мақсадимни аста-секин тушунтирар эканман, борган сайин Бойтемирнинг қовоғи осилиб, дағал ва қўнғир мўйловини ўйчан силай бошлади.
— Келганингиз-ку жуда яхши бўлибди, — деди у менга, — лекин Помирга мен бормайман, менинг хусусимда ёзиб ўтиришингизнинг ҳожати ҳам йўқ.
— Сабабини билсак бўладими? Ишлар кўпми? Ёки уйда бирон кори ҳол бўлдими?
— Иш ҳам етарли, ҳар қалай йўл-да, ўзингиз кўриб турибсиз. Уйда дейсизми? — у папирос ола туриб бироз жимиб қолди. — Уйда ҳам... албатта, ҳамма оилаларда бўладиганидек озми-кўпми ишлар бор... Аммо Помирга бормайман.
Мен унга ўхшаган йўл тузатувчиларнинг делегация составида боришининг қанчалик муҳим эканлигини тушунтиришга ва кўндиришга киришдим. Аммо Бойтемир кўпроқ ҳурмат юзасидангина менга қулоқ солар эди, мен уни ҳар қанча ташвиқот қилсам ҳам бари бир кўндира олмадим.
Мен жуда хафа бўлдим ва биринчи галда ўзимдан ўпкаладим. Журналистлик сезгирлигим бу сафар иш бермади, чунки мен унга тўғри ёндашолмагандим. Мен довондан редакциянинг топшириғини ҳам, қўшни республика газетасининг илтимосини ҳам бажара олмай қуппа-қуруқ кетадиганга ўхшаб қолдим.
— Хўп, майли, баке, кечирасиз, энди мен кетай. Ҳозир бирор йўловчи машина келиб қолар.
Бойтемир менга осойишта ва сергак кўзларини қадаб, диққат билан тикилди-да, мийиғида кулиб қўйди.
— Шаҳарлик қирғизлар урф-одатларимизни унутиб қўйяптилар-да. Менинг уйим, оилам, дастурхоним ва тунайдиган жойим бор. Мени деб келган экансиз, йўлдан қайтмасдан, бугун уйимга тушиб, эртага кетарсиз. Юринг, мен сизни хотиним ва ўғлимнинг олдига қолдириб қайтай: кўнглингизга олмайсиз, албатта. Қоронғи тушмасдан йўлни бир айланиб чиқишим керак. Тезда қайтаман. Ишимиз шунақа...
— Баке! — деб тўхтатдим уни. — Мен сиз билан бирга йўлни айланиб чиқа қолай.
Бойтемир менинг шаҳарлик қиёфамга бир назар ташлаб олди-да, айёрона кўз қисиб қўйди:
— Қалай бўларкан, мен билан бирга кезиб юришингиз сизга ноқулай бўлмасмикин? Масофа узоқ, бунинг устига йўл ҳам яхши эмас.
— Майли, ҳечқиси йўқ, — деб қатъий туриб олдим мен.
Шундай қилиб, биз йўлга тушдик, ҳар бир кўприк ва муюлиш олдида, ўпирилган жойлар ва осилиб турган қоялар қаршисида йўл-йўлакай тўхтаб, уларни кўздан кечириб борардик. Буларнинг ҳаммаси йўл мастерининг зийрак ва ўткир назаридан ўтарди. Биз ўз-ўзидан гапга киришиб кетдик, албатта. Ҳали-ҳалигача нима учун, қайси сўзим билан, нимам билан ва қай йўсинда Бойтемирнинг ишончини қозонганлигимни ўзим ҳам билолмайман. Азбаройи шу ишончи туфайли у менга ўз тақдири ҳақида ва оиласининг тақдири ҳақидаги қиссани сўзлаб берди.
Фақат эндигина, Илёснинг ҳикоясини охирига қадар тинглаб бўлгач, журналист сифатида омадим жуда ўнгидан келганини тушундим. Зоҳиран хотиржам ва осойишта кўринган Бойтемир ўша кунлари ўзи билан ғам-ғусса, ташвиш ва ўй-хаёлларнинг улкан юкини кўтариб юрар эди. Қандайдир, тасодифан, кўнглини ёзиш учундир, Бойтемир бир-икки оғиз айтиб юборди-ю, кейин гапини тўхтата олмай, қалбидаги дард-ҳасратлари қўзғалиб, дарё каби ошиб-тошиб кетди...

ЙЎЛ МАСТЕРИНИНГ ҲИКОЯСИ

Мана сиз, нега Помирга боргингиз йўқ, деб сўрадингиз. Ўзим помирлик қирғизман. Туғилган элим Помир бўлса ҳам мен буёқларда, Тянь-Шанда юрибман.
Жуда ёшлик чоғларимданоқ Помир йўл қурилишида ишлай бошладим. У ёққа комсомол чақириғи билан борган эдим. Қурилиш халқ қурилиши эди, механизмлар етишмасди, иш қанчалик оғир бўлмасин, биз, айниқса ёшлар, иштиёқ билан, ғайрат ва шижоат билан ишлардик. Ғайрат кўрсатмай бўлармиди: асрлар бўйи инсон қадами етмаган Помирга йўл солиняпти-я! Мен зарбдорлар қаторига ўтиб олдим, дам-бадам мукофот ва инъомлар олиб турардим. Буни мақтаниб эмас, шунчаки кези келгани учун айтяпман.
У ерда, қурилишда мен бир қизни учратиб, уни жон-дилимдан севиб қолдим. Ўзи ҳам жуда чиройли, ақлли қиз бўлиб, қурилишга овулдан келган эди; бу эса ўша пайтларда оддий қирғиз қизи учун катта қаҳрамонлик эди. Уёғини суриштирганда, ўзингиздан қолар гап йўқ, ҳатто ҳозир ҳам қизларнинг ишлаб чиқаришга бориб ишлашлари унчалик осон эмас — бунга урф-одатларимиз тўсқинлик қилади. Гулбара билан танишганимизга бир йилча бўлди. Йўл қурилиши охирлаб қолган эди. Йўлни ишга солиб юбориш учун ўз кадрларимиз бўлиши зарур эди. Йўл қурилиши ишнинг бир томони, уни биргалашиб, умумий куч билан бажара олиш мумкин, шунинг билан бирга, унга кўз-қулоқ бўлиб, назорат ҳам қилиб туриш керак-да. Бизда Ҳусаинов деган бир ёш инженер бор эди, у ҳозир ҳам йўл соҳасида ишлайди, министр бўлиб хизмат қилмоқда. Биз у билан дўстлашиб қолдик. Менга йўл ишлари курсларига бориб ўқишга маслаҳат берган ҳам шу киши бўлди. Мен ўқишни битириб келгунимча Гулбара кутиб туролмас, уни овулга олиб кетиб қолишар, деб ўйлаган эдим, йўқ, у қайтишимни кутди. Ниҳоят бирга турмуш қуриб, ўша ерда, йўл участкасида қолиб ишлай бошладик. Биз жуда аҳил ва бир-биримизга меҳрибон эдик... Шуни ҳам айтиш керакки, айниқса тоғ ва довонларда яшовчи йўл тузатувчилар учун мустаҳкам оила — яхши хотин ош-нондек зарур. Мен буни кейинроқ ўз ҳаётимда синаб кўрдим. Агар мен ўз ишимни бир умрга жон-дилимдан севиб қолган эканман, бунда хотинимнинг хизмати ҳам оз эмас. Биз қиз кўрдик, кейин иккинчиси дунёга келди, худди шу кезларда тўсатдан уруш бошланиб қолди.
Помир йўли шаррос қуйиб берган жаладан кейинги дарё каби чайқалиб, тўлқинланиб кетди. Бутун халқ ана шу дарё сингари пастга томон оқа бошлади — улар армияга кетаётган эди.
Ниҳоят менга ҳам навбат келди. Эрталаб ҳаммамиз бошлашиб уйдан йўл ёқасига чиқдик. Кичкина қизчамни қўлимда кўтариб борардим, каттаси эса баримдан ушлаб олганча ёнма-ён борарди. Гулбарам, бечора Гулбарам! Унинг қўлида менинг сафар халтам, ўзини дадил тутишга ва мени ҳам овутиб, тинчитишга уринарди. Аммо кимсасиз тоғу тошлардаги йўл участкасида икки ёш бола-ю, яна худди ўзига ўхшаш икки қўшни аёл билан қолиш унга нақадар оғир эканлигини бутун қалбимдан сезиб турардим. Мен уларни овулга: қариндош-уруғларим олдига жўнатмоқчи бўлдим, аммо Гулбара истамади. Кунимизни бир амаллаб ўтказармиз, сени кутамиз, йўлни ҳам қаровсиз қолдириб бўлмайди-ку, ахир, дерди у. Мен рафиқам ва фарзандларим билан сўнгги марта йўл ёқасида туриб хайрлашдим. Биз Гулбара билан у вақтда ҳали жуда ёш, ҳаётга эндигина қадам қўйган эдик...
Мен сапёрлар баталъонига тушдим. Москва остоналаридаги кўпгина танкка қарши қурилган тўсиқларга менинг ҳам қўлим теккан. Кейин эса Дон ва Висла дарёларини кечиб ўтиб, Дунайга қараб кетдик. Уруш майдонларида биз қанчадан-қанча йўллар, кечув жойлари, кўприклар барпо этдик. Қилган ишларимизни санаб саноғига етиб бўлмайди! Баъзан шундай пайтлар ҳам бўлардики, гоҳ муздай сувда титраб-қалтирайсан, гоҳ тутун ва олов ичида ёнасан, атрофингда снарядлар бетиним портлайди, кечув жойларни остин-устин қилади, қанчадан қанча одамлар қирилади, тинка-мадоринг қуриб, ўлишингга ҳам минг марта рози бўласан. Бироқ шундай пайтларда тоғ-тошларда яшаб, худди Хизрни йўқлагандеқ мени интизорлик билан кутаётган бола-чақамни эсласам ва Помирдек жойдан бу ерда, кўприк остида бекордан бекорга ўлиб кетгани келмаганимни ўйласам, куч-қудратим шу қадар ортиб кетардики, бир-биридан ажралиб кетаётган симларни ҳатто тишларим билан бурардим, ҳаётдан воз кечгим, таслим бўлгим келмасди. Ана шу куч билан Берлин остоналаригача етиб бордим.
Хотиним тез-тез хат ёзиб турарди, яхшиямки, почта уларнинг ёнгинасидаги йўлдан ўтарди. У ҳамма нарса ҳақида, шу жумладан, йўл ҳақида ҳам батафсил ёзарди — у менинг ўрнимга мастер бўлиб қолган эди. Унга жуда оғир эканлигини билардим: йўл ҳам унча-мунча йўллардан эмас, Помирда-я! Бунинг устига, қўшнилар ҳам дуч келган томонга қараб кўчиб кетишибди.
Қирқ бешинчи йилнинг баҳорига келиб тўсатдан хат келмай қўйди. Фронт почтасида ҳар хил ҳодисалар бўлиши мумкин-ку, деб ўйлаб, ўзимни ўзим овутардим. Кунлардан бирида мени полк штабига чақириб қолишди. Хўш, гап шунақа, старшина, урушиб бўлдинг, яхши жанг қилдинг, ташаккур ва мукофотлар ҳам олдинг. Энди уйингга қайтасан, у ерда сен ҳозир кўпроқ кераксан. Аммо биринчи навбатда ҳарбий комиссариатга кир, ҳужжатларингни топшир, кейин уйингга жўна... Мен кутилмаган бу хабардан қувониб кетдим, албатта. Ҳатто уйга телеграмма ҳам юбордим.
Мен қадрдон жойларимга етиб келдим. Ҳарбий комиссариатга эса кириб ўтирмадим, улгураман ҳали, қаёққа қочиб кетардим! Уйга! Тезроқ уйга етиб борай! Йўловчи полуторка машина учраб қолди, мен унда Помир йўли бўйлаб жўнаб кетдим.
Қани энди қанотим бўлса-ю, учиб борсам, фронтдаги «Студебеккер»ларда юриб ўрганиб қолибман, кабинага энгашиб шофёрга қичқирардим:
— Тезроқ ҳайда, ошна, шалдироқ аравангни мунча аямасанг! Уйимга кетяпман!
Мана, яқинлашиб ҳам қолдим. Муюлишдан ўтиш билан менинг участкам. Сабр-тоқатим чидамади. Машинанинг юриб кетаётганига қарамай, сакраб тушдим-да, сафар халтамни елкамга ташлаб, югуриб кетдим. Шундай қилсам тезроқ етиб бораман, деб ўйладим. Чопяпман, чопяпман, муюлишдан ҳам ўтдим... Ўтдим-у, ҳеч нарсани таниёлмадим. Гўё ҳамма-ҳаммаси ўз жой-жойида тургандек: тоғлар ҳам ўз урнида, ёи ҳам ўша, аммо на уй-жой, на ҳовли ва на бирон тирик жон зоти кўринарди. Фақат тош уюмларигина қалашиб ётарди. Бизнинг ҳовлимиз хиёл четроқ-да, нақ тоғнинг таггинасида эди. Тоғ этагидаги жойлар жуда тор эди. Тоққа кўзим тушди-ю, дарҳол донг қотиб анграйиб қолдим. Баландликдан қор қатлари кўчиб, ўзи билан бирга йўлда учраган ҳамма нарсани теп-текис қилиб супуриб кетган, гўё ўткир тирноқли темир пан-жалари билан тоғ ёнбағирларини қўпориб, пастликка ағанатиб улоқтирган-у чуқур ва улкан жарликнинг саҳнини қўш қўшгандек ағдар-тўнтар қилиб ташлаган эди. Хотиним ўзининг сўнгги хатида жуда қалин қор тушганини, сўнгра кутилмаганда ёмғир ёға бошлаганини ёзган эди. Демак, қор уюмини қуламасидан эртароқ портлатиб, пастга қулатиб юбориш зарур эди, бироқ бу аёл кишининг қўлидан келармиди.
Ана шундай қилиб, оилам билан ҳам учрашдим. Минг бор ўлим билан юзма-юз келиб, тириклайин дўзахга тушиб қайтсам-у, бу ерда бола-чақамдан ном-нишон бўлмаса. Тинка-мадорим қуриб, қотиб турардим. Тоғ-тошларни ларзага келтириб ҳайқиргим, дод дегим келарди-ю, нафасим бўғзимга тиқилиб, овозим чиқмасди. Гўё бутун вужудим тошга айланиб қотиб қолгандек эди. Фақат елкамдаги сафар халтамнинг сирғалиб оёғим остига тушиб бораётганини сезиб турардим, холос. Мен уни ўша ерга ташлаб кетдим, унда қизларимга, хотинимга совғалар олиб келган эдим, ёзда гимнастёркамни новвотга айирбошлаб олувдим. Мен турган еримда гўё бирор мўъжизани кутаётгандек узоқ туриб қолдим. Кейин орқамга қайрилдим-да, йўлдан кетавердим. Бир зум тўхтаб, ортимга қайрилиб қарадим, тоғлар сарак-сарак бўлиб тебраниб, бутун оғирликлари билан устимга бостириб келаётгандек бўлди. Юрагим қинидан чиқаёзгандек қичқириб юбордимда, қоча бошладим. Қоч! Бу лаънати жойлардан қоч! Ана шунда даҳшатли овоз билан ҳўнграб йиғлаб юборган эдим.
Қаёққа ва қай тарзда бораётганлигимни эслаёлмайман, учинчи куни станцияга келиб қолибман. Ғала-ғовур халқ тўлқини ичида адашган кишидек дайдиб юрардим. Номимни атаб бир офицер мени чақириб қолди. Қарасам — инженер Ҳусаинов. Ҳарбий хизматдан бўшаб, уйига қайтаётган экан. Мен бошимга тушган кулфат ҳақида унга икки оғизгина сўзлаб бердим. Энди қаёққа бормоқчисан, деб сўради у. «Ўзим ҳам билмайман», деб жавоб бердим. Йўқ, деди у, бундай қилиш ярамайди, чидаш керак. Бир ўзингнинг сандироқлаб юришингга йўл қўймайман. Қани, юр, Тянь-Шанга кетдик, йўлни қуриб тугаллаш керак. У ёғини яна кўрармиз.
Мен бу ерга ана шундай қилиб келиб қолганман. Дастлаб йўлда кўприклар қуриб юрдим. Вақт ўтиб борарди, бирор ишнинг бошини тутиш керак эди. Ўша кезларда инженер Ҳусаинов министрликда ишлаётганди. У менинг олдимга тез-тез келиб турар ва ҳар келганида аввалги ишимга, участка йўл мастери бўлиб ўтишга маслаҳат берарди. Бунга юрагим дов бермасди. Эсласам, юрагим орқага тортиб кетарди. Қурилишда якка ўзим эмасман, кўпчилик билан ишлаш осон бўлади. У ёқда-чи, ким билади, ёлғизликдан юрагим ёрилиб кетса керак. Орадан неча йиллар ўтиб кетди. Бироқ мен ҳамон ўзимни ўнглолмас, бошимга тушган ташвишларни унутолмасдим. Гўё шу билан ҳаётим тамом бўлган-у, бундан бу ёғига ҳеч нарсадан умидим йўкдек эди. Уйланишни хаёлимга ҳам келтирмасдим. Гулбарам ва болаларимни ҳаддан ташқари севар эдим. Ҳеч ким, ҳеч қачон уларнинг ўрнини боса олмайдигандек туюларди менга. Фақат кун кечириш учунгина ва шунчаки уйланиш эса — иш эмас. Бундан кўра сўққабош бўлиб юрган маъқулроқ.
Ниҳоят, участкага мастер бўлиб боришга қарор қилдим, ишлаб кўраман, агар ёқмаса, яна бирон ёққа кетавераман-да, деб ўйладим. Менга бу ерда довоннинг нақ ўзидаги участкани беришди. Ёмон бўлмади, аста-секин киришиб, кўникиб кетдим. Эҳтимол бунга участканинг жуда серташвишлилиги сабаб бўлгандир: довон-да, ҳар қанча десангиз ҳам иш топилади. Аммо бу менга оғирлик қилмади, аксинча, яхши бўлди. Вақт ўтиши билан қалбимдаги дард-аламлар сўна бошлади, уларни аста-секин унута бордим. Баъзи-баъзида ўша мудҳиш кун тушимга кириб чиқарди: ўша ер юзидан супурилиб кетган ҳовли қаршисида тошдек қотиб, елкамдаги сафар халтамнинг сирғалиб оёғим остига тушиб бораётганини сезиб тураман. Кейин қайрилардим-да, орқамга қараб қайтиб кетардим. Уйғониб кетиб қарасам, кўзимда ғилт-ғилт ёш бўлади. Бундай пайтларда саҳардаёқ ўрнимдан туриб ишга жўнардим, шу кетганимча то тунга қадар уйга қайтмасдим. Шу тариқа мен сўққабош бўлиб қолгандим. Тўғри, аҳён-аҳёнда: «Эҳтимол, ҳали яна бахтли кунларга эришарман», деган ҳазин ўй хаёлимга келиб қоларди.
Ниҳоят жуда оғир, изтиробли ва чексиз машаққатли бу бахт мен кутмаган бир пайтда келиб қолди.
Бундан тўрт йилча муқаддам тугаб бораётган қиш кунларининг бирида қўшнимнинг бемор онасини област касалхонасига олиб борган эдим. Қўшнимнинг ўзи бўлса уйдан бўшаб чиқа олмасди. Бир ёқда иш, оила, бир ёқда болалари... Кампирнинг аҳволи эса кун сайин оғирлашиб бормоқда эди. Мен уни врачларга кўрсатишга аҳд қилдим. Шу кун участкамизга йўл бошқармасидан машина келиб қолди. Унда нимадир келтиришган эди. Биз ана ўша машинада област марказига бордик. Кампирни врачларга кўрсатдим. Врачлар кампирни касалхонага ётқизиш керак, ётқизилма-са бўлмайди, деб маслаҳат беришди. Кампир касалхонага биринчи марта тушганидан, ётмайман, деб қайсарлик қилиб туриб олди, ўлсам ўламанки, аммо касалхонада қолмайман, дерди у. Қайтариб олиб кет, бўлмаса қарғишимга қоласан. Шунча қилсам ҳам уни кўндира олмадим. Яна қайтариб олиб кетишга тўғри келди. Турли-туман доридармонлар олиб, орқага қайтдик. Вақт алламаҳал бўлиб қолган эди. Автобазанинг довондаги базасидан ўтиб кетдик. Бир пайт шофёр машинасини шартта тўхтатди, мен унинг:
— Қаёққа борасиз? — деб сўраётганини эшитдим.
Алланима деб мужмалгина жавоб қайтарган аёл кишининг овози қулоққа чалинди ва унинг нари кетаётган одим шарпаси эшитилди.
— Чиқа қолинг! — деди шофёр унга. — Нега ундай қиласиз? — деб машинани унга яқинроқ ҳайдаб борди.
Қўлида бола, тугунча кўтариб олган ёшгина аёл машина бортига яқинлашди. Мен аёлнинг кузовга чиқиб олишига ёрдамлашдим, кабина орқасидаги шамол тегмайдиган пана жойни унга бўшатиб бериб, ўзим бурчакка ўрнашиб олдим.
Биз йўлга тушдик. Кун совуқ, рутубатли шамол эсарди. Бола йиғлай бошлади. Аёл болани овутишга ҳар қанча уринмасин, у сира тинчланадиганга ўхшамасди. Тоза чатоқ бўлди-ку! Кабинага ўтқазай десак, у ерда чалажон кампир ўтирарди. Шунда мен аёлнинг елкасидан секингина туртдим:
— Қани, менга беринг-чи, эҳтимол, тинчиб қолар, ўзингиз сал эгилиброқ ўтиринг, шамол тегмасин.
Мен болани калта пўстиним билан ўраб олдим-да, бағримга босдим. У тинчиб, пишиллаб нафас ола бошлади. Жуда дўмбоқ, ўзиям ўн ойлик чамаси жажжигина бола экан. Мен уни чап бағримга олиб ўтирардим. Бирдан юрагим гупиллаб, худди отиб туширилган қуш каби типирчилай бошлади. Нега эканлигини ўзим ҳам билмайман. Қалбим ҳам қайғу, ҳам қувончли туйғуларга тўлган эди. «Эҳ, наҳотки ҳеч қачон оталик бахтига муяссар бўлолмасам-а», деб ўйлардим мен. Бола эса бағримда иссиққина ётарди. Унга бошқа ҳеч нарсанинг кераги ҳам йўқ эди.
— Ўғилми? — деб сўрадим.
Аёл бош ирғаб қўйди. Кўриб турибман, бечора совқотиб қолган, эгнида юпқа палто. Мен бўлсам қишда ҳам калта пўстин устидан плаш кийиб юраман: бизнинг иш шароитимизда бусиз мумкин эмас. Болани бир қўлимда ушлаб туриб, унга иккинчи енгимни чўздим.
— Плашимни ечинг. Бунақада шамоллаб қоласиз.
— Йўғ-е, қўйинг, овора бўлманг, — деб кўнмади у.
— Тортинг, тортаверинг! — деб туриб олдим мен. — Ёпиниб олинг.
У плашга ўралиб олди, шамол кирмасин деб этакларини оёғи остига қистириб қўйдим.
— Бироз исидингизми? — деб сўрадим мен.
— Ҳа, исидим.
— Йўлга намунча кеч чиқдингиз?
— Шундай бўлиб қолди, — деди у оҳистагина. Шу пайт биз дарадан кетаётган эдик. Бу ерда кончилар посёлкаси жойлашган эди. Ҳамма уйқуга кетган, деразаларда биронта чироқ кўринмасди. Итлар вовиллаб машина кетидан чопишарди. Шунда бирдан, бу аёл қаёққа бораркин, деган фикр хаёлимга келди. Мен, нима учундир, у конга келаётган бўлса керак, чунки у ёкда борадиган жой йўқ, довон, ундан кейин эса бизнинг участка, деб ўйлардим ўзимча.
— Сиз етган бўлсангиз керак? — дедим унга ва кабинани тақиллатдим. — Биз ҳам етай деб қолдик, довонга келяпмиз. Машина нарига бормайди.
— Бу ер қанақа жой? — деб сўради у.
— Кон. Сиз бу ерга келаётганингиз йўқми?
— Мен... мен шу ерга келаётгандим, — деди у қимтиниб. Кейин «дик» этиб турди-да, менга плашни бериб, қўлига болани олди. Бола ҳиқиллай бошлади. Мен бортга яқинроқ келиб, унга ёрдамлашиш учун ерга сакрамоқчи бўлдим. Бироқ бу бечорага бир гап бўлган, бошига бирон мусибат тушган кўринади, деб ўйлаб қолдим. Совуқ тунда ёлғиз ўзини ташлаб кетсак қандай бўларкин?
— Сизнинг борадиган жойингиз йўқ! — дедим мен унга рўйирост. — Ёмон хаёлларга борманг, тағин. Болани буёққа беринг! — деб қўлидан гўдакни шартта оддим. — Сўзимни қайтарманг. Тунни бизникида ўтказасиз, кейин ихтиёр ўзингизда. Кетдик! — қичқирдим шофёрга.
Машина қўзғалди. У бошини қуйи солиб, жимгина ўтирарди, билмадим, эҳтимол йиғлаётгандир.
— Хавотир олманг! — деб тинчлантирдим уни. -Мен сизга ҳеч қанақа ёмонликни раво кўрмайман. Мен йўл мастери Бойтемир Қулов бўламан. Менга бемалол ишонаверинг.
Уларни ўз хонамга жойлаштирдим. Ўзим унга тақаб қурилган бўш уйчамизга кириб, ёғоч каравотга ётдим.
Алламаҳалгача ухлай олмадим. Ўйлар гирдобида қолдим. Тинчимни йўқотдим. Сўраб-суриштириб ўтириш жуда ноқулай эди. Ўзим ҳам буни ёқтирмайман, аммо барибир айрим нарсаларни сўрашга тўғри келди. Эҳтимол у бечорага менинг ёрдамим керакдир. У саволларимга истар-истамас қисқа-қисқа жавоб қайтарарди. Бироқ мен айтилмай, унинг юрагида қолиб кетаётган гапларни ҳам англаб турардим. Агар инсоннинг бошига мусибат тушса, унинг ҳар бир сўзининг тагида яна айтилмай қолган ўнлаб сўз ётади. У эрини ташлаб, уйидан чиқиб кетибди. Такаббурроқ бўлса керак, азоб чекаётгани, куюнаётгани сезилиб турибди-ю, аммо ҳеч таслим бўлмоқчи эмасди. Нима ҳам дейиш мумкин, ҳар кимнинг ихтиёри ўзида. Нима қилса ўзи билади. Шундай бўлса ҳам бу ёшгина аёлга жуда раҳмим келарди. У ҳали ўн гулидан бир гули очилмаган қизчага ўхшарди, қадди-қомати келишган, чеҳрасидан нур балқиб турарди. Одатда у меҳрибон, ширинсўз эди, эҳтимол, самимий аёлдир. Шундай жувонни ҳамма нарсадан маҳрум этиб, бош олиб кетишга мажбур этган қанақа инсон экан-а? Бунга сира тушунолмасдим. Келинг, менга нима, бу уларнинг иши. Эртага бирор машинага ўтказиб қўярман.
Ўша куни ўйлайвериб чарчаб кетдим, кўзим илиниши билан ўзимни машинада кетаётгандек ҳис қилдим. Калта пўстиним остига жажжи болани ўраб олганмишман. Гўдакнинг баданига иссиқ югуриб, кўксимда маза қилиб ётганмиш.
Тонготарда ўрнимдан турдим. Йўлларни кўздан кечириб келгани кетдим, аммо тез орада қайтдим. Меҳмонларим нима қилишаётган экан, деган ўй миямдан кетмасди. Уларнинг уйқусини бузмаслик учун эҳтиётлик билан олд хонадаги печкага ўт ёқиб, самовар қўйдим. Аммо у аллақачон уйғониб, кетишга ҳозирлик кўраётган экан. У менга миннатдорчилик билдирди. Уларни чой ичирмай жўнатмадим, бир оз кутиб ўтиришга мажбур қилдим. Тунги кичкинтой ҳамроҳим ажойиб бола экан, одамга сира тортинмай келаверади, ҳеч нарса билан иши йўқ. У билан ўйнашиб ҳузур қилдим, хумордан чиқдим: у билан дарҳол кўникишиб, апоқ-чапоқ бўлиб кетдим. Чой устида аёлдан сўрадим:
— Қаёққа боришингиз керак? Йўловчи машина тўхтатайми?
У бир оз ўйланиб турди-да:
— Рибачега, — деди.
— У ерда қариндошларингиз борми?
— Йўқ. Қариндош-уруғларим овулда, Тўсўрнинг нариги ёғида.
— Э-е, унда сиз ана ўша томонга борадиган бошқа машинага ўтиришингиз керак. Бўлмаса қийналиб қоласиз.
— Мен барибир у ёққа бормайман. Боришимиз ҳам мумкин эмас, — деди у ўғлига ўйчан боқиб. — ўзимиз айбдормиз...
Мен уни ота-онасининг розилигисиз турмушга чиққан бўлса керак, деб ўзимча тахмин қилардим. Кейин билсам, ҳақиқатан ҳам шундай экан.
У кетишга тайёрлана бошлади, бироқ мен уни боласи билан шамолда туриб қолмасин деб бир оз уйга кириб кутиб туришга кўндирдим. Машинани бир ўзим тўхтатсам ҳам бўлади-ку, ахир.
Юрагим эзилиб, йўлга чиқдим. Уларнинг кетишини, ўзимнинг эса ёлғиз қолишимни ўйласам негадир яна қайғум ошиб, хаёлим паришон бўларди.
Аввал йўловчи машиналар келавермади. Кейинчалик бўлса биттасини кўра туриб атайин ўтказиб юбордим, қўл кўтармадим. Аммо бу қилмишимдан ўзим чўчиб кетдим. Нега бундай қиляпман? Ана шундан бошлаб мени дард-аламларим изтиробга солиб қийнай бошлади. Машиналар бирин-кетин ўтиб борарди, мен эса уларнинг бирортасини ҳам тўхтатмай, ғайриихтиёрий равишда вақтни чўзардим. Энди келганини тўхтатаман, дердим-у, аммо қўлим яна кўтарилмасди. Уятдан юзларим лахча чўғ бўлиб ёниб, терлаб кетдим. Бу нима қилганим: бировни алдаб, йўлидан қолдиряпман-ку! Қандай ҳаққим бор бунга? Уйда у менга ишониб умид билан кутиб ўтирибди. Йўл бўйлаб у ёкдан-бу ёққа юра бошладим. Ўзимдан ўзим чўчирдим. Менга бир бало бўлаётгандек эди. Қандайдир баҳонаю сабаблар қидириб топардим. Гоҳ ойнаси синиқ экан, кабина совуқ бўлади, дейман; гоҳ машина кўнгилдагидек бўлмасди; гоҳ шофёри ёқмасди — олатасирчи кўринарди, эҳтимол, ичиб ҳам олгандир. Кабинаси банд машиналар ўтганда эса худди ёш болалардек қувониб кетардим. Ишқилиб, улар ҳозир кетмасайди, яна бир оз, яна беш-ўн минут уйимда ўтира туришса яхши бўларди. «Ахир у қаёққа ҳам боради? — деб ўйлардим мен. — Ўзи айтди, овулга бориши мумкин эмас. Бошқа жойларда уларнинг ҳеч кими йўқ. Рибаче йўл устидаги серқатнов шаҳарча, у ерда ҳар хил одам яшайди. Боласи билан қаерга боради? Дурустроқ жой топгунча, қиш пайтида ўғлидан ажралиб қолади! Яхшиси, шу ерда бир оз яшаб туришсин, яна у ёқ-бу ёқни ўйлаб кўрсин, эҳтимол, эриникига қайтиб борар. Ё у хотинини излаб келиб қолар...»
Э, шўрпешона, яхшиси, тентираб юрмасдан унинг ўзини йўл ёқасига бошлаб келиб, жўната қолсам бўлмасмиди! Уч соатлар чамаси ер депсаб вақтни бекор ўтказдим. Ўзимдан-ўзим нафратландим: нега, нима учун бундай қиляпман-а? Йўқ, ҳозир уни бу ерга бошлаб келаман-да, ўзининг олдида машина тўхтатаман. Бўлмаса, ҳеч нарса қилолмай туравераман. Мен уйга қайтдим. У энди эшикдан чиқиб келаётган экан, кутавериб тоқати тоқ бўлибди. Мен уялиб кетдим, худди бирор гуноҳ қилиб қўйган ёш боладек унга жавдираб қарадим.
— Кутиб қолдингиз-а? — деб ғўлдирадим мен. — Йўловчи машиналар учрамади, тўғрироғи, учради-ю, аммо кўнгилдагидек эмас экан. Кечирасиз, тағин ёмон хаёлларга бориб юрманг. Худо ҳаққи, уйга кириб бироз ўтира туринг. Ўтиниб сўрайман!
У таажжубланиб, менга маъюсгина боқдида, индамай уйга қайтиб кириб:
— Сиз менга ачиняпсизми? — деди.
— Йўқ, унинг учун эмас. Биласизми... Сиз учун ташвишланяпман. Қийналиб қоласиз. Қандай қилиб кун кечирмоқчисиз?
— Ишлайман. Суягим меҳнатда қотган.
— Қаерда ишлайсиз?
— Бирор ерга жойлашарман. Аммо уйга қайтмайман, овулга ҳам бормайман. Меҳнат қилиб кун кечираман.
Мен индамадим. Ҳаммаси тушунарли эди. У ҳозир ҳеч нарса ҳақида ўйламасди, кўзига ҳам ҳеч нарса кўринмасди.
Алам, ғурур уни номаълум томонларга ҳайдамоқда эди. Аммо «меҳнат қилиб кун кечираман», дейиш айтишгагина осон, ахир. Ишлаб кун кечириш тўғри-ку, лекин ҳадегунча унга эриша қолмайсан киши. Инсонни ўз эркига, хоҳишига қўймаслик ҳам яхши эмас.
Бола менга қараб талпинди. Уни кўтариб олдим. Унинг юзидан ўпарканман: «Эҳ, дўмбоғим, сендан ажралишга тўғри келяпти-ку. Қанийди сен билан бир умрга ажрашмасак. Ўз ўғлимдек қадрдон ва азиз бўлиб қолган эдинг менга», деб ўтказдим кўнглимдан.
— Ҳа, майли, юринг, — дедим кейин секингина. Ўрнимиздан турдик. Мен болани кўтариб олдим, бироқ эшик олдига борганда тўхтаб:
— Иш бўлса бизда ҳам топилади, — дедим яна унга. — Шу ерда ишласангиз ҳам бўлади. Кичикроқ хона ҳам бор. Рост, қола қолинг. Шошилманг. Кетишга ҳар вақт улгурасиз. Яна ўйлаб кўринг...
У аввал индамай турди. Аммо мен ҳозирча бу ерда ишлаб туришнинг афзаллигини, сўнг нима қилиш зарурлигини ҳаёт ўзи кўрсатишини, кетгиси келса хоҳлаган вақтида кета олиши мумкин эканлигини айтиб, унда ишонч ҳосил қилдим.
Шундай қилиб, Асал ва Самад, ўғлининг исми шундай экан, бизнинг йўл участкамизда қолишди.
Ҳовлидаги қўшимча қурилган уйча совуқ эди, шунинг учун Асални ўғли билан менинг хонамда яшашга кўндирдим, ўзим бўлсам ўша ҳужрага кўчиб ўтдим. Менга шу уйча ҳам етарди.
Шу пайтдан бошлаб менинг ҳаётим ўзгариб кетди. Бир қарашда-ку, ҳеч нарса ўзгармагандек кўринарди, ҳамон аввалгидек сўққабош эдим, аммо мен ўзимни яна инсон ҳис қила бошладим, узоқ йиллик ёлғизликда совиган қалбим тағин илий бошлади. Мен энди якка ўзим яшамасдим... Одамлар билан кишилар орасида яшаш, ишлаш, дўстлашиш, умум ишини адо этиш, ёрдамлашиш ва ёрдам олиш нақадар яхши. Кунинг битиб, вақт-соатинг етиб ўлганингда ҳам бошқалардан кам қилиб кўмишмайди... Аммо шунга қарамай, ҳаётнинг бир томони борки, уни севгилингга бўлган меҳр-муҳаббатдан бўлак ҳеч нарса билан алмаштириб, тўлдириб бўлмайди... Мен кичкинтойга жуда ўрганиб қолдим. Участкага айланиб чиққан пайтларда ҳам уни иссиққина қилиб ўраб олиб, ўзим билан бирга кўтариб юрардим. Хуллас, бўш вақтимнинг ҳаммасини у билан ўтказардим. Шу пайтгача қандай қилиб яшаб келганимни тасаввур эта олмайман. Қўшниларим ҳам анча дуруст кишилар эди. Улар Асалга ҳам, Самадга ҳам меҳрибон эдилар. Болани ким севмайди дейсиз. Асалнинг ўзини олсак дилкаш, самимий, очиқ кўнгилли аёл, шунинг учун ҳам у участкадагилар билан тил топишиб, аралашиб-қуралашиб кетди. Менинг эса кичкинтойга ҳам, Асалга ҳам меҳру муҳаббатим янада ошиб кетди. Болага меҳрим онасига бўлган меҳр-муҳаббат билан пайваста эди. Ростини айтсам, ҳар қанча уринсам ҳам ҳис-ҳаяжонларимни ўзимдан-ўзим яшира олмадим. Асални севиб қолган эдим. Бир умрга бутун қалбим билан ёлғизликда ўтказилган ҳижронли йиллар, барча азоб-уқубатларим эвазига уни беҳад севиб қолдим. Барча жудоликларим, ғам-ҳасратларим бу муҳаббатга мужассамлашган эди. Аммо буни унга ошкор этишга ҳаққим йўқ эди. Асал ҳамон эрини кутарди. Кутишга узоқ кутарди-ю, бироқ ҳеч сир бой бермасди. Биз йўлда ишлаётган кезларда унинг ҳар бир йўловчи машинани интизор ва умидвор кўзлари билан кутиб олиши ва кузатиб қолишини кўпинча сезардим. Баъзан ўғлини кўтариб йўл ёқасига чиқар ва у ерда неча соатлаб ўтирар эди. У кўрина қолмасди. У ким ва қанақа одам эканлигини билмайман, буни сўрамасдим ҳам, Асал ҳам буни ҳеч кимга сўзламасди.
Вақт ўтиб борарди. Самад ҳам улғайиб қолди. Оҳ, у жуда шўх, жажжи тойчоқ эдики, билмайман, биров ўргатганми ёки ўрганганми, ҳарҳолда у мени дада, дея бошлади. Кўрдими, бас: «Дада!» «Дада!» — деб бўйнимга осилади. Асал Самадга қараб ўйчан жилмайиб қўярди. Мен бўлсам ҳам қувонардим, ҳам юрагим ўртаниб азоб чекардим. Унга ота бўлишга минг бор рози эдиму, аммо нима ҳам қила олардим...
Ўша йили ёз кунларидан бирида биз йўл тузатаётган эдик. Машиналар бизни четлаб ўтиб борарди. Асал қўққисдан шофёрлардан бирига қараб қичқирди:
— Ҳей, Жонтой, тўхта!
Машина биздан бироз ўтди-ю, таққа тўхтади. Асал шофёр томон чопиб кетди. Уларнинг нима ҳакда гапиришганларини билмадиму, аммо Асалнинг тўсатдан кабинага қараб қичқира бошлаганини эшитиб қолдим:
— Алдаяпсан! Ёлғон! Ишонмайман! Йўқол бу ердан! Ҳозироқ йўқол!
Машина йўлига равона бўлди. Асал эса йўлни кесиб ўтиб, уйга қараб отилди. Афтидан, у йиғлаётган эди.
Латтадек бўшашиб, қўлим ишга бормай қолди. Ким бўлди у? Асалга нима деди? Шунга ўхшаган шубҳа ва тахминлар қамраб олди мени. Чидаб тура олмай, уйга юрдим. Асал ўғли билан уйда ўтирар эди. Ахири бўлмади, кечқурун унинг олдига кирдим.
— Самад қани? Уни жуда соғиниб қолдим! — дедим мен.
— Мана, бу ёқда, — деди Асал маъюсгина.
— Дада! — деб менга талпинди Самад. Уни қўлимга кўтариб, эркалатдим. Онаси эса ғамга ботиб, индамай ўтирарди.
— Нима бўлди, Асал? — деб сўрадим. Асал чуқур хўрсиниб қўйди.
— Мен кетаман, баке, — деди у. — Бу ерда турмушим ёмон бўлганидан эмас, албатта, сиздан минг марта миннатдорман. Бироқ нега, қаёққа эканлигини ўзим ҳам билмайман-у, бошим оққан томонга кетаман...
У бу гапларни шунчаки айтгани йўқ, буни кўриб турибман, ғам-алам ичида кетиб қолиши мумкин. Ҳақиқатни айтишдан бўлак иложим қолмаган эди.
— Нима ҳам дердим, Асал, сени бу ерда ушлаб туришга ҳаққим йўқ. Аммо сен кетгач, бу ерда яшай олмайман, мен ҳам бош олиб кетишим керак. Вайрон бўлган уй-жойимни бир марта ташлаб кетганман. Ўшандан буён бир оз кўникиб қолгандек бўлувдим... Тасодифми бу ёки такдирми, фақат сен ва ўғилчанг билан бирга бўлиб, ғам-ғуссаларимни унута бошлаган эдим. Буни гапириб ўтиришнинг ҳожати ҳам йўқ, ўзинг биласан, Асал. Агар сен ҳозир кетадиган бўлсанг, бу ер ҳам Помирда қолиб кетган уйим каби мен учун ҳаромга айланади. Ўйлаб кўр, Асал... Мабодо у қайтиб келса ва қалбинг унга ундайдиган бўлса, сизларга заррача халал бермайман, доим эркинг ўзингда, Асал...
Мен шу сўзларни айтиб Самадни кўтариб олдим-у, йўлга чиқдим. У ерда Самадни анчагача кўтариб юрдим. Бу тойчоғим ҳеч нарсани тушунмасди.
Асал шу кўйи вақтинча яшаб қолаверди. Аммо унинг нималар ҳақида ўйлаб юргани, қандай қарорга келгани менга қоронғи эди. Бу кунлар ичида мен озиб-тўзиб қорайиб кетдим.
Бир куни туш пайтида аллақандай иш билан ҳовлига кириб қолдим. Қарасам, Самад ажабтовур юришга интиляпти. Асал уни, тағин йиқилиб тушиб лат емасин, деб қўрқиб, сал ушлаб турарди. Мен тўхтадим.
— Баке, қара, ўғлинг энди юрадиган бўлиб қолди! — деди қувонч билан жилмайиб.
Нима деди у? Ўғлинг! Мен елкамдаги белкуракни ирғитиб юбордим-да, чўнқайиб ўтириб, тойчоғимни чақира бошладим:
— Той-той-той, бўталоғим! Қани, менга кел-чи, оёқларинг билан ерни тепкилаб юр-чи, дадилроқ бос!
Самад қулочини ёзиб юборди.
— Дада! — деб оёқчаларини энтак-тентак босиб, менга қараб чопди. Мен уни ушлаб олдим-да, бошим узра баланд кўтариб, бағримга қаттиқ босдим.
— Асал! — дедим мен унга. — Эртага бир болалар байрамини ўтказайлик-а. Сен оқ ва қора жундан тўқилган чилвир тайёрлаб қўй.
— Хўп, баке! — деб кулиб юборди у.
— Ҳа, ҳа, албатта оқ ва қора жундан тўқилган бўл-син.
Мен отга миндим-у, чорвадор дўстларим олдига жўнадим, у ёқдан қимиз ва янги сўйилган гўшт олиб келдим. Эртасига эса биз кичкина байрамимиз — «чилвир кесиш» байрамига қўшниларимизни таклиф этдик.
Мен Самадни ерга ўтқаздим-да, оёқларини оқ-қора чилвир билан тушовладим, ёнига қайчини келтириб қўйдим. Сўнг ҳовлининг нариги чеккасида турган болаларга қараб буйруқ бердим:
— Кимки биринчи бўлиб чопиб келиб чилвирни кесса, ўшанга биринчи бўлиб мукофот берилади, қолганларга эса навбат билан улашилади. Қани, бошланглар, болалар!— деб қўл силтадим.
Худди пойгага қўйилган арғумоқлар сингари болалар бизнинг «ҳой-ҳув» ва шовқин-суронимиз остида қийқиришиб чопа кетишди.
Чилвир кесилиб бўлгандан кейин Самадга қараб:
— Қани, ўғлим, чопқиллайвер энди! — дедим. — Уни қўлидан ушлаб олиб юринглар, болалар!
Улар Самаднинг қўлидан тутишди, у ҳам болалар билан чопиб кетди. Мен эса уларнинг орқасидан, ҳеч кимга мурожаат қилмасдан, беихтиёр гапириб юборибман:
— Одамлар! Менинг тойчоғим чопқиллаб юриб кетди! У тулпордек илдам бўлсин!
Самад болалар кетидан чопқиллаб бора туриб, орқага қайрилиб: «Дада!» деди-да, думалаб тушди. Биз Асал билан иккимиз бараварига унга томон ташландик. Мен Самадни ердан кўтариб олганимда, Асал биринчи марта менга:
— Жоним! — деди.
Шу кундан бошлаб биз эр-хотин бўлиб қовушдик.
Қишда ўғилчамизни олиб овулга, чол-кампирлар олдига бориб келдик. Улар биздан жуда хафа эди, бироқ кейинчалик кечиришди, дуо қилишиб фотиҳа беришди.
Кунлар бирин-кетин сезилмай ўтиб борарди. Самад беш ёшга тўлди. Биз Асал билан жуда аҳил, жуда иноқ яшардик, фақат биргина нарса ҳақида оғиз очмас ва эсламас эдик. Асал у ҳакда ўйлармиди, ёлғиз қолганда уни эслаб ўй-хаёлларга берилармиди, буни билмайман, бироқ биз гўё гап-сўзсиз дилимизда ўзаро шартлашиб қўйгандек эдик: биз уни танимаймиз, биз учун у одам йўқ ва бўлмайди ҳам...
Аммо инсон кўнгли нималарни истамайди дейсиз. Бунинг устига яна шундай нарсалар ҳам борки, улардан қочиб қутула олмайсан. У яқиндагина бу ерларда пайдо бўлиб қолди.
Бир куни кечаси йўлда авария бўлиб қолди. Ёрдамчим билан икковимиз нима бўлганини билиш учун югурдик. Эҳтимол, бирор бахтсизлик юз бергандир. Етиб келдик. Аллақандай юк машинаси йўл чеккасидаги устунларга тумшуғи билан келиб урилибди. Ғирт маст шофёр ҳушидан кетиб тахтадек қотиб ётарди. Мен уни танидиму, аммо исмини эслаёлмадим. У бир куни бизни фалокатдан қутқарган ва машинамизни шатакка олиб, довонга олиб чиқиб қўйган эди. Дўланда эса машинани шатакка олиб юриш ҳазилакам иш эмасди. Илгарилари бу ерда бундай иш қилиш у ёқда турсин, ҳатто ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмасди. Бу шофёр бўлса, тиришқоқ, довюрак йигит экан, ҳар қанча оғир бўлса ҳам машинамизни участкагача судраб олиб келди. У менга жуда ёқиб қолди, кўнглимдагидек йигит экан. Ўша воқеадан кейин аллаким биринчи бўлиб довондан прицсеп билан ўтмоқчи бўлиб-ди, мақсадига эришишига оз қолган экану, аммо уддалай олмабди. Прицепни йўл ёқасидаги ариққа тушириб юборибди-да, ташлаб кетиб қолибди. Мен ўшанда ўша довюрак йигитнинг иши эмасмикин, деб хаёлдан ўтказган эдим. Мард кишининг ўз мақсадига эриша олмаганига жуда ачинган эдим. Аммо ўша воқеадан кейин довондан прицеп билан ўтадиган бўлишди. Йигитлар машина ва прицепларни шароитга мослаштириб жуда тўғри иш қилган эдилар.
Виждонан айтсам, бу йигит Асал ташлаб кетган киши эканини билмасдим. Агар билганимда ҳам барибир шундай қилган бўлардим. Мен уни уйга судраб олиб келдим, шунда ҳаммаси ойдинлашди-қўйди. Эшикдан ўтин кўтариб кириб келган Асалнинг кўзи унга тушди-ю, қўлидаги ўтинлари полга сочилиб кетди. Аммо гўё биринчи марта учрашаётгандек, бирортамиз ҳам сир бой бермадик. Айниқса мен ўзимни қўлга олишим керак эди, чунки эҳтиётсизлик қилиб бирон ноўрин сўз айтиб ёки ножўя ҳаракатим билан уларнинг кўнглига тегиб кетмасликка интилардим ва уларнинг бир-бировларини тушуниб олишларига халал бермаслик учун ўзимни тутишга ҳаракат қилардим. Энди мен ҳеч нарсани ҳал эта олмасдим. Энди ҳамма гап уларнинг ўзларида қолганди: улар орасида ўтмиш кечмишлари, мен бағримга босиб ва эркалаб каравотда олиб ётган ўғиллари бор эди.
Ўша туни бирортамиз ҳам мижжа қоқмадик, ҳар ким ўз ўйлари билан банд эди. Шу жумладан, мен ҳам.
Асал ўғли билан кетиб қолиши ҳам мумкин эди. Бу албатта уларнинг иши. Майли, улар юрак амри ва ақл-идроклари буюрганини қилишсин. Мен, мен эса... нима ҳам дердим, бунга менинг нима дахлим бор, масалани ҳал этиш менга боғлиқ эмас, уларга халақит бермаслигим керак...
У ҳозир ҳам шу ерда, мана шу йўлдан қатнайди. Шунча йиллар давомида қаерларда бўлганийкин у, нима билан шуғулландийкин? Аммо бунинг аҳамияти йўқ... Бу уларнинг иши...
Биз Бойтемир билан йўлни айланиб чиқиб, орқага қайтдик. Қош қорайиб қолган зди. Тян-Шаннинг музли чўққилари устидаги осмон-у фалак баҳор оқшомининг бинафша ранг тусига кириб бораётганди. Машиналар йўлдан икки томонга қараб ғиз-ғиз ўтиб турарди.
— Мана, ҳаёт қанчалик мураккаб, — деди Бойтемир бироз сукутдан сўнг ўйчан. — Мен ҳозир уйдан кетишим керак эмас. Мабодо Асал кетиш хаёлида бўлса, майли. Фақат менга кетаётганини бир оғиз айтса бўлгани, ўғли билан сўнгги бор хайр-хўшлашиб, оқ йўл тилаб қоламан. Ахир Самад мен учун ўз ўғлимдай бўлиб қолган-ку. Бироқ уни ўз отасидан зўрлаб тортиб ололмайман. Шунинг учун мен ҳам ҳеч қаёққа бормайман. Айниқса Помирга... Мен буни сизга газета учун ҳикоя қилиб бераётганим йўқ, албатта. Шунчаки, инсон инсонга ўз дардини айтиб бераётгандек гапириб беряпман-да...

ХОТИМА ЎРНИДА

Биз Илёс билан ўшда ажралишдик. У Помирга жўнади, мен бўлсам ўз ишларим билан кетдим.
— Бориб Алибекни топаман. Янгича ҳаёт бошлайман! — деди у йўл-йўлакай. — Мени энди тузалмас, тамом бўлган одам деб ўйламанг. Келажагим, ҳаётим ҳали олдинда. Кунлар ўтар, мен ҳам уйланарман, бошқаларга ўхшаб бола-чақали, уй-жойли бўларман. Ишлайман, дўст, ёр-биродарлар орттираман. Лекин фақат биргина нарса: умрбод, мангуга йўқотган нарсамни қайтара олмасам керак... Ўтган ишни ҳеч қачон қайтариб бўлмайди... Аммо ҳаётимнинг сўнгги кунларига қадар, то сўнгги нафасимгача Асални ва орамизда бўлиб ўтган ҳамма ширин дамларни сақлаб ўтаман.
Йўлга чиқиш олдидан кўлга, ўша тик тепаликка. бордим. У ерда мен Тянь-Шань билан видолашдим, Иссиқкўл билан хайрлашдим. Хайр, Иссиқкўл, тугалланмай қолган оромбахш куйларим! Мовий тўлқинларинг ва олтин қирғоқларинг билан бирга қўшиб сени ўзим билан бирга олиб кетардим-у, аммо севгилимнинг севгисини олиб кета олмаганимдек, сени ҳам олиб кетиш қўлимдан келмайди. Алвидо, Асал! Алвидо, қизил дуррачали сарвқоматим! Алвидо, севгилим! Бахтиёр бўлгил...
Мен Бойтемирдан эшитганларимни Илёсга сўзлаб бермадим. Ахир бу одамларнинг кўркамлиги ва қадр-қиммати ҳам уларнинг бир-бири ҳақида ҳеч нарса билмасдан туриб, бир-бирига шу қадар олийжаноблик қилиши-да, инсоний муносабатда бўлишида эмасми! Шундай экан, бу гапларни унга сўзлаб нима ҳам қилардим...


Чингиз Айтматовнинг «Танланган асарлар»и 1-жилдидан олинди.
(«Шарқ» нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси Бош таҳририяти, Тошкент – 2009)


Qayd etilgan