Yo'ldosh Sulaymon. Hirotga sayohat  ( 11331 marta o'qilgan) Chop etish

1 B


AbdulAziz  30 Mart 2010, 07:40:58

Yo'ldosh Sulaymon. Hirotga sayohat (she'rlar va doston)



Muallif: Yo'ldosh Sulaymon
Hajmi: 108 Kb
Fayl tipi: pdf, zip
Saqlab olish
Online o'qish

Qayd etilgan


Ansora  02 Aprel 2010, 19:17:34

ЙЎЛДОШ СУЛАЙМОН

ҲИРОТГА
САЕҲАТ

Шеърлар ва достон

Тошкент
Чулпон нашриёти
1997


Қадрли китобхонлар!
Ушбу тўпламга таниқли адибимизнинг янги ёзган шеърлари ҳамда буюк бобомиз Алишер Навоийнинг болалик даври ҳақида ҳикоя қилувчи «Ҳиротга саёҳат» достони киритилди.


НУРЛИ ЗАМОН

Хаёлларим парвозлидир,
Истиқлолга ҳамрозлидир.
Энди менинг она халқим
Дунёда тенг овозлидир.
Узилгандир кишанлари,
Балқияпти шон-шаънлари.
Кўриняпти дунё бўйлаб
Нурли замон нишонлари.
Одилу мард сарбонимиз,
Ушаляпти армонимиз.
Ўзимизнинг карвонимиз—
Ҳамишалик дармонимиз!
Елкасида энг оғир юк,
Элим эллар аро суюк.
Қўйилгандир тамал тоши,
Ҳали-бўлар жуда буюк!


УДУМ

Баҳор — уйғониш фасли,
Куйламасанг, куйлатар.
Келажакнинг хаёли
Ўйламасанг, ўйлатар.
Далаларнинг чиройи
Кўрганингда дил ёзар.
Қарилар ҳам, ёшлар ҳам
Наву ниҳол ўтқазар.
Ардоқланар жуда ҳам
Элимизда бу удум,
Айтсам наврўз қўшиғин,
Жимирлайди вужудим.
Мен ҳам экдим етмишта
Урик,
Олма,
Нок,
Шотут!
Четда қолма хашардан,
Сен ҳам шуни ёдда тут!


ХАЁЛИМНИ ТОРТАДИ

Тоза ҳаво шимириб,
Дала бўйлаб кетяпман.
Ростин айтсам, ўзимни
Қудратли ҳис этяпман.
Кўм-кўк либос кийишди
Бугун яқин-узоқлар.
Бошин ердан кўтармас,
Ўтлаб қўй, мол, бузоқлар.
Кимдир қазар ариғин,
Кимдир кетмонин чинглар.
Бир-биридан ўзишиб,
Кишнаб чопар тойчоқлар.
Ўз йўлидан адашиб,
Аланглаган туядай —
Сузиб-сузмай, булутлар
Қовоғини уяди.
Ана шу оқ булутлар
Гоҳо бехос кўчади.
Қушлар баъзан баландда,
Гоҳо пастлаб учади.
Бойчечагу, бинафша
Бир сузилиб боқяпти.
Ариқдаги сув билан
Ялпиз ҳиди оқяпти.
Тутиб кетар ҳадемай
Жийда гулининг иси.
Ана шунда хўп яйрар
Кишининг ҳис-туйғуси.
Борлиқдаги уйғоқлик
Хаёлимни тортади.
Қишлоғимга ихлосу
Муҳаббатим ортади.


ОЙДИН КЕЧАДА

Ёзнинг ойдин кечаси
Бутун борлиқ ёп-ёруғ.
— Жажжи уканг ухлади,
Ухлагин сен ҳам, Фарруҳ.
Қани, бўтам, жим ётгин,
Кўзларингни энди юм.
— Акажоним бўйига
Қачон етади бўйим?
— Ухла десанг, ухласа,
Уйғонса ўз вақтида,
Кичикларни ўйнатса,
Турса доим аҳдида,
Аяси иш буюрса,
Адо этса югуриб,
Енгил этиб оғирни,
Ҳаммасига улгуриб —
Ҳоримаган азамат,
Усар ақлию бўйи!
Энажонинг айлансин,
Ухлагин, қўзим, тўйиб!
— Ойга қаранг, энажон,
Нега доғ бор юзида?
Қандай чизиқ қоляпти
Учган юлдуз изидан?
— Ахир уканг уйғониб,
Бошламасин йиғлашни,
Ақлинг жуда ҳам кўп-ку,
Келтирмагин, кўп ғашни!
— Зумрад билан Қимматни
Айтиб беринг яна бир.
— Эрталикка ҳам қолсин,
Бўлма бунча бесабр,
Ҳатто сендан куляпти
Осмондаги ой, ўғлим.
— Нега кундуз кўринмай
Тунда учар бойўғли?
Сўз ўрнига таралар
Энажоннинг алласи.
Фарруҳ секин кўз юмди
Ётиб ухлаш палласи!


МЕҲМОНДЎСТ

Хўп серсалом,
Ширин калом,
Бобом жуда ҳам тетик.
Севар кўплар,
Ажойиблар,
Қаранг, қачон турса тик —.
Чойнинг чўпи,
Уни ўпиб,
Меҳмон келарга йўяр.
Борин қўяр,
Меҳмон суяр,
Оёғига қўй сўяр.
Йиғинларда,
Файзи бор-да,
Бобомни ўрашади.
Сўзлаб дилдан,
Ширин тилда
Ҳол-аҳвол сўрашади.
Чақнаган кўз,
Юракдан сўз
Ёғилган бобожоним,
Гуллар тутиб,
Меҳмон кутиб,
Яйрайди дилу жони!


ЁҒЯПТИ

Ер тўйсин деб бир йўла —
Қор бўралаб ёғяпти.
Гўё осмон ун элар,
Ҳавоси ҳам ёқяпти.
Юрганимда из қолса,
Қор уни тез ёпяпти,
Кучугим ҳам оқариб,
Атрофимда чопяпти.
Моможоним ойнадан
Жуда хурсанд боқяпти.
Хаёлимга ёз келиб,
Сув шарқираб оқяпти!


АКА-УКА

Сардор билан Суҳробжон
Ҳамиша бир тан, бир жон..
Одоблари жойида,
Улар учун қоида —
Ўқиб аъло баҳога,
Ҳаёт кутган соҳага
Тайёрланиш,
Шайланиш,
Мард йигитга айланиш!
Бир-бирларин сизлашар,
Ширин сўзлар излашар.
Қўлни-қўлга беришган,
Шунинг учун эришган —
Иккови ҳам иззатга,
Яхши билар кузатган
Қани айтинг, уларга
Ҳавас қилмай бўларми?!


ЎЙГА ЧЎМАМАН

Қуёш пастлади
Боғлардан ошиб.
Қўл чўзиб унга
Сўзлардим шошиб:
— Бугун бунча тез
Ўтиб кетдинг сен.
Тоғлар ортига
Дарров етдинг сен.
Ҳайрон термулиб,
Турибман ҳамон,
Ўю хаёлга
Яна чўмаман.
Тушдими «4», «5»
Дафтарларингга?
Уйча қурдингми
Каптарларингга?
Нима иш қилдинг
Кун бўйи бугун?
Ечдингми ёки
Бирорта тугун?
Ўзимни ўзим
Тураман тергаб.
Бўлмай аввало
Мужмалу сергап!
Бир бўлар ахир
Кемага тушган.
Шошилай мен ҳам
Ўқишу ишга!


ТОҒ САЙРИ

Қачон кўрсам тоғларни,
Ошар-тошар ҳайратим.
Сиғмай кетар танимга
Завқу, шавқу ғайратим,
Хаёлларни тортади,
Ёришади шуурим.
Ахир унинг ўзидай
Доим баланд ғурури!
Шунинг учун унга илк
Нур сочарми ё қуёш?
Паҳлавонлар тўпланиб,
Бир-бирига қўйиб бош —
Ётибдими ястаниб,
Оляптими ё ором?
Ёки ойнинг чиройи
Этдимикин уни ром?
Устидаги ёпинчиқ
Бойчечакми ё лола?
Қандай қўшиқ айтяпти
Дарадаги шалола?
Чулдираган овозлар
Ирмоқларнинг нозими?
Ҳайқирару, пишқирар,
Бу тошқинсой созими?
Санай қайси бирини,
Гўзаллиги беҳисоб,
Шимираман ҳавосин —
Ҳам ширин, ҳам тонгдай соф!


ШИРИН ЖОН

Камола, Камолажон,
Ширинлигинг худди жон.
Эй, жажжи меҳрибоним,
Ёнингда бўлган оним —
Атрофимда пилдираб,
Жозибали чулдираб —
Соғинч билан қарайсан,
Дилимга нур тарайсан.
Қувончим бўлар лим-лим,
Ёришиб кетар кўнглим!
Бугун сендай чироқдан
Яшаяпман йироқда.
Сен юлдузсан, сен ойсан,
Жоним қизим, қалайсан?
Ичим-ичимдан роса
Ҳамиша қанду асал —
Сўзларингни соғиндим.
Камола, Камолажон,
Сен мен учун ширин жон!


ИРМОҚ

Кўзга гоҳ илашмай, гоҳо илашдинг,
Эй, катта анҳорга қўшилган ирмоқ.
Тоғдан думалагай тош мнсол шошдинг,
Яшаш маъносини, эй, билган ирмоқ!
Тоғ билан анҳорнинг ораси яқин,
Аммо достон ёзса арзир ишинг бор.
Билганга меҳнатинг гўёки чақин,
Чулдираб оқишинг эзгуликка ёр.
Баланд тоғ қаъридан чиқиб келгунча,
Катта дарахт этдинг қанча ниҳолни.
Очилиб ётибди яна кўп ғунча,
Изларингда кўрдим ана шу ҳолни!
Қутлуғу беминнат сенинг инъоминг,
Мақсадинг ҳам ўзи дилларга кирмоқ.
Доим эркаланиб яшайди номинг,
Мен сени севаман, эй, жажжи ирмоқ!


МАРДЛАР ЯШАР ЕЗЁВОНДА

Ёзёвонда ёз ёмонми,
Ё шунчаки роз ёмонми?
Йўл ихтиёр этганларни,
Ўтганларни, кетганларни
Дўзах мисол куйдирганми,
Жон-жонидан тўйдирганми?
Бу жойларда ёз ёмон деб,
Боз устига боз ёмон деб —
Ножўя ном берган кимдир?
Бу заминнинг бағри қумдир —
Ундан бунга кўчиб юрган.
Шундан кўплар чўчиб юрган
Келолмасдан Ёзёвонга.
Элнинг ишқи ичра ёнган
Баҳодирлар қўлин чўзган,
Яйдовликнинг тинчин бузган.
Бор меҳрини сочган улар,
Сувлар йўлин очган улар.
Чўлни буткул қувди улар,
Не шўр бўлса ювди улар —
Учиб келиб Ёзёвонга,
Кўчиб келиб Ёзёвонга.
Ўзгача бир камол билан,
Жозибали жамол билан
Таратяпти энг хуш бўйни,
Чунки энди боғлар қўйни.
Дил-дилимдан янграр нидо:
Юрти учун жони фидо,
Ишқ жўш уриб тоза қонда
Мардлар яшар Ёзёвонда.


ОПА-СИНГИЛ

Кириб келди ким-ким,
Ўтиришар жим-жим.
Югуришмас лик-лик,
Қилишмайди шўхлик,
Келса агар меҳмон —
Опа-сингил ҳар он:
Одоб билан туриб,
Одоб билан юриб —
Етаклар бир-бирин,
Жуда-жуда ширин
Ҳилола ва Лола,
Иккови ҳам аъло.
Жим десангиз, жилмас,
Инжиқликни билмас.
Гоҳ ўйнаб, гоҳ жўшиб —
Айтишади қўшиқ.
Биргалашиб кулар,
Шундайин иноқ улар!


АЙТИНГ КИМГА ЎХШАЙМАН

Бордир ажиб бир нақл:
Бўлса қайси эл аҳил —
Яшай олар мустақил,
Бошқарар дилу ақл!
Уйларимиз шундайдир,
Шижоатга ундайдир,
Истиқлолим байроғи
Чарақлаган кундайдир!
У доимо қўлимда,
Ҳилпирайди йўлимда,
Ғурури бор дилимда,
Қўшиқлари тилимда.
Сўрасангиз асли мен,
Алпомишдай дастлиман,
Буюкларга хослиман,
Амир Темур наслиман!
Бахт бағрида ким яшар,
Шуни билган ҳар башар —
Меҳнат билан ош ошар,
Қимирлаган қир ошар.
Ҳар ишга ҳар он шайман.
Айтинг кимга ўхшайман!
Буюк бўлар давлатим!
Шу орзуда яшайман!


ҚЎРҚОҚМИ Ё ЛОҚАЙДМИ?

Бир ожизнинг ёқасин ушлаб,
Гоҳо сўкиб, гоҳида муштлаб —
Истаганча хўрлар безори,
Кўкни тутган рақибин зори,
Жон қолмади ахир жонида!
Ўша онда улар ёнидан.—
Қараб-қараб бамайлихотир
Ўтиб кетди келбати ботир —
Бўйи-басти келишган йигит.
Энди унга равоми ўгит:
Безоридан нима фарқи бор,
Бундайларнинг қандай нархи бор?


ЖИЛҒА

Атрофига куч бериб,
Ҳам шошилиб, ҳам эриб —
Борган сари пасайиб,
Йўл-йўлакай озайиб,
Ўзини кўп паст тутиб,
Назаримда ҳас тутиб,
Нимжонгина овоз-ла,
Енгилгина хуш соз-ла —
Оқаётган, эй жилға,
Сен туфайли очилган —
Ҳар иккала қирғоғинг,
Бор ўтлоғу бор боғинг.
Унда ўтар ҳар чоғим,
Ёзилади чарчоғим!
Булоғингдан айрилма
Сенга жуда қойилман!


ИШҚИНГДА

Хуросон бадандир, Ҳирий жон анга,
Ҳирий жон, бадандир Хуросон анга.
Алишер Навоий.

О, Ҳирот, бобомнинг Ҳирийси, жони,
Дилимда уряпти муҳаббат қони.
Ўз шаҳрин ҳамма ҳам шундай суёлса,
Гар ёза олмаса, мендай уёлса!
Қайси бир мақомга етди фарёдим,
Ҳавога учгандай кетди фарёдим.
Боиси вужудим ёнмаганидан,
Бугундан бошқача қўяман қадам:
Орзуим, Фарғона, ишқингда куйсам,
Навоий Ҳиротни суйгандай суйсам!



ҲИРОТГА САЁҲАТ

(Достон)

Ўтирибман уйимда,
Кўҳна Ҳирот ўйимда
Кўринади ярақлаб,
Кўк гумбазлар чарақлаб.
Нигоҳларим қамашар,
Унутилмас томоша:
Анови хон саройи,
Эртак каби ғаройиб—
Ялт-юлт этар қуёшдан.
Саёҳатим бир бошдан —
Ширин хаёл сураман.
Алишерни кўраман.
Қўлидаги китоби —
Гўё унинг офтоби.
Қосим Анвар Эронда,
Шеърларидан дил ёнди.
Шайх Саъдий «Бўстон»ин
Қўлларидан қўймайди,
«Гулистон»дай достонин
Ўқиб сира тўймайди.
Эҳ, мана бу асарда
Ажойиб сеҳр бор-да:
«Мантиқут-тайр»ини,
Қушларнинг бор сайрини
Буткул ёдга жойлади,
У шу йўлни сайлади.
Ҳушим олди бу асар,
Хаёл билан йўл босар.
Ўша Аттор ким ўзи,
Бунча ўткир дил кўзи?
Муҳаббатдир озиғи,
Не бўлгандир ёзуғи?
Худонинг ул ошиғи —
Имон туғи, дин туғи —
Фаридиддин Аттордир,
Китоблари қатордир.
«Тазкиратуш шуаро»,
«Илоҳийнома» оро —
Киради ҳар юракка,
«Асрорнома» ҳам якка.
«Ҳайдарнома» асли нур,
«Шарҳул қалб»ку фасли нур.
«Булбулнома» ошиқлик,
«Хусравнома» бир чўғлик!
«Тазкиратул авлиё»,
«Жавҳаруз зот», «Хайлож»и
Армон тожи, сўз тожи!
Ул «Мазҳарул ажойиб»,
Ўқиган саринг бойиб —
Англаб ўнгу сўлини,
Топасан Ҳақ йўлини.
Ўзининг камолига,
Худонинг жамолига
Ва охири етишнинг,
Фидои жон этишнинг
Неъматини татиган.
Жойлаган дил қатига!
Не машҳур алломалар
Битишган кўп номалар —
Ҳар сўзининғ шарҳига,
Тож-тахт етмас нархига!
Тенгсизларнинг тенгсизи —
Маънавият денгизин
Диёнату имони.
Ҳақиқатнинг уммонин
Ич-ичига шўнғиган.
Унинг тушу ўнгига —
Малоиклар яқиндир,
У ўтдир, у чақиндир—
Одамларнинг дилига,
Бошлар худо йўлига.
Валийлигу ваҳийлик,
Кароматга дохиллик
Тожини кийган ул пир,
Донишлар суйган ул пир —
Алишерга жонажон,
Не қийноқда берди жон?
Эрон замин қўйнини
Босиб зўрлик қуюни —
Балои ногаҳоний,
Ул қазои осмоний
Бўлиб кирди у уйга,
Ё бузилган, ё куйган,
Бутун қолган бино йўқ,.
Кўзу қалбда ёнар чўғ —
Бу — Хуросон азоби,
Бу — Хуросон ғазаби!
Оёқ ости бўлган эл,
Кўнгли қасдга тўлган эл —
Тенглик талаб, эрк талаб,
Бир-бирига ўт қалаб,
Қайта-қайта қўзғолди,
На тинчлик, на эрк олди.
Юздан ошган бу чол ҳам
Бўлолмай элга малҳам —
Кўтаролмай тўқмоқни,
— Гуноҳ, — деб қон тўкмоқни,
Худодан мадад сўраб,
Қўлини ерга тираб,
У қўзғолди ўрнидан,
Вужудида бир нидо —
Чиққай они кўчага,
Бир мўғулга учраған.
Яқинлашиб қонли кўз,
Ўтмай ҳатто бирор сўз —
Елкасидан ушлади,
Бир туртиб, бир муштлади.
Арқон солиб бўйнига
Судрай кетди, эй, нега?
Нима унинг гуноҳи,
Эшитилмас ҳеч оҳи.
Оёқ тираб ғазабда,
Қўрқмади у азобдан!
Кимдир изма-из борди,
Ул мўғулга ёлборди:
— Асирингни менга сот!
— Қани, аввал пул кўрсат!
— Мана, сенга минг динор.
Мўғул «майли» деб кўнар,
Аммо:
— Бу кам,— дер асир,—
Бу харидор бунча сур,
Жуда арзон сўради,
Нархим баланд туради.
Мўғул унга ишониб,
Тортиб арқон кишанни,
Излар янги харидор,
Унга-бунга кўз қадар!
Учраганга «ол» деди,
— Арзон бўлди мол, — деди.
— Олсам майли, олай,— деб,
Бир савобга қолай, — деб —
Яқинлашиб бир деҳқон,
Мўйловини буради.
Мўғул ундан сўради:
— Қуруқмасми қўлинг, — деб,
— Борми ўзи пулинг, — деб,
Қарар деҳқон томонга.
— Майли, бир қоп сомонга
Алмаштирай, — дер деҳқон.
— Раҳмат сенга, эр деҳқон,
Айтган сўзинг жойида,
Нархим бундан ошмайди.
Ёқар шундай баҳолар —
Асир хурсанд хохолар.
Сотувчининг кўзи қон,
Босиб ўтган изи қон.
Худди ёнди ич-ичи,
Кўтарилди қиличи,
Бир чимирди қошини,
Узди чолнинг бошини!
Сўнгра санчди деҳқонга,
Тўлиб кетди ер қонга!
Ярақлайди қиличинг,
Яна кимда бор ўчинг?
Шаҳид бўлган ким ўзи?
Нега борлиқ жим ўзи?
Аё Дунё, шумиди
Сендан унинг умиди?
Сўзлар дурин сочган ҳам,
Руҳларга йўл очган ҳам —
Ўша Аттор эди-ку,
Уни бўри еди-ку —
Нега бўрон, қор ила
Бошланмади зилзила?!
Билиб унинг ҳаётин
Ёш Алишер олди тин.
Негадир шу кун толди,
Хаёлида топталди —
Эзғиланди тонги гул,
Яраланди ёш кўнгил!
Паришонлик онида
Ҳусайн ҳам ёнида —
Мунозара қилишга
Билмаганни билишга,
Иккиси ҳам уринди,
Аммо бу кўп кўринди.
Шундай кунлар бағрида
Салтанатнинг қаърида
Кўринг катта низони.
Амир Шоҳруҳ Мирзони
Ҳали дафн этмасдан,
У тупроққа етмасдан,
Айрилиққа тўкмай ёш,
Бир-бирига кўкалтош —
Қариндошлар бошлаб жанг,
Аҳли Ҳирот ҳангу манг.
Мудҳиш кунга қолишиб,
Бошларини олишиб,
Жўнаб йироқ-йироққа,
Етиб келиб Ироққа,
Ёш болалар чувуллар,
Кимнинг бағри ҳувуллар.
Ким отадан айрилган,
Ким касалга чалинган,
Кимдир кимга ялинган.
Яна кимдир таланган,
Юракдаги аланга
Куйдиради борлиқни.
Бундай хору зорликни —
Кўрди жажжи Алишер,
— Жавоб бер-чи, қани шер,
Қаерликсан ўзи сен,
Кимнинг кўрар кўзи сен?
Саломингга қойилман,
Суҳбатингга мойилман.
Сенда идрок бошқача.
Кўрмадим шу ёшгача —
Сендай зукко болани,
Униб-ўсиб оламни —
Ёритасан қуёшдай,
Шундай бўлсанг шу ёшдан
Бошинг тошдан бўлсин, — деб
Истиқболинг кулсин,— деб —
Унинг бошин силади,
Омадини тилади,
Фотиҳата қўл ёзди —
Олимларга пир Яздий.
Ўтганмисиз ҳеч ёзда
Саҳроси кўп Ҳижоздан.
Баданларни куйдирар,
Ҳатто жондан тўйдирар.
Шул алфозда йўл юриб,
Йўл юрса ҳам мўл юриб —
Тополмасдан қўналға,
Тушкунликдан эл толган.
Келди хабар ҳам бирдан
Абдулқосим Бобурдан,
Эсиб қолди ширин ел,
Хуросонда бутун эл —
Ором топди кун аро.
Алишеру Бойқаро
Шоҳ хизматин ўташди,
Кўнгиллари туташди.
Абдулқосим Бобурнинг
Баҳодиру сабрли
Бекларнинг ичида
Қарашлари хуш жуда —
Сабзаворнинг ҳокими,
Асли кўнгил ҳакими
Ғиёсиддин Кичкина,
Қаноти йўқ учгани —
Алишернинг ёнига,
У тенг дилу жонига.
Саройда қон иси бор,
Хоинликнинг ҳиси бор.
Шу хаёлда у ботир,
Кўнгли тўла хавотир,
Саройга келиб-кетар,
Ўғлини огоҳ этар.
Алишер машаққатда,
Яшаб олис Машҳадда
Маъни аҳлин лол этди,
Ҳасадгўйни дол этди.
Дўстлари ҳам кўп эди,
Бир-биридан хўп эди.
Саид Ҳасан Ардашер —
Заковатда тенгсиз шер,
Саид Шариф Журжоний
Шабирғонликлар жони.
Абдураззоқ Кирмоний,
Алоуддин Кирмоний,
Тафтазоний — илм кони,
Хуросоннинг имони.
Шайх Камол Турбатий
Ошди элда ҳурмати,
Камол топиб назмда —
Навоийга таъзимда.
Султон Али Машҳадий
Ҳам уламо, ҳам оддий.
Ҳуснихатда бир олам
Ул Мир Али Қилқалам,
Яна Султон Дарвишдир,
Бир-бирига чин эшдир.
Дарвиш Аҳмад ҳам найчи,
Нишопурлик сурнайчи,
Баланд-баланд чал, майли,
Шайхим Аҳмад Суҳайлий,
Ҳам Муҳаммад Бадахший
Девонлари кўп яхши.
Атоуллоҳ, Асилий,
Унинг ижод ҳосили —
«Равзатул-аҳбоб»и ҳам,
Шоҳ Ҳаззол тавоби ҳам
Алишернинг шаънига,
Эзгулик нишонига.
Машҳаддаю Ҳиротда,
Суратдаю сийратда
Элнинг тоза ҳавоси —
Навоийнинг навоси.
Яна тинчлик бузилиб,
Абдулқосим чўзилиб,
Паймонаси тўлган кун,
Вақти етиб ўлган кун,
Жанжал қайта бошланди.
Самарқандга ташланди
Алишернинг ризқ-рўзи,
Абу Саиднинг сўзи
Қонун бўлган кун эди,
Халқнинг дили хун эди.
Самарқандда азали,
Мушоира мазали.
Ёш Навоий қошида
Шеър ўқиган Шошийдир..
Дўстининг яна бири
Андижоннинг шоири,
Ўзи содда, тик-қадли.
Машҳур Юсуф Бадиий.
Самарқандлик Риёзий.
Туни билан шеър ёзиб —
Алишерга чопарди,
Ундан таскин топарди.
Ҳожибегу Тархонлар,
Вафоий келган онлар
Қирқ бўлинди бир майиз,
Ул Фазлуллоҳ Абдуллайс
Тутди унинг қўлидан,
Бошлади ҳақ йўлидан.
Самарқандда сургунда,
Бир синчиклаб кўргин-да,
Ночор бўлса ҳам аҳвол,
Ўзи ҳақда «Ҳасби хол»—
Асарини битказди,
Қиёмига етказди.
Вақт қаърида кемирилиб,
Абу Саид емирилиб —
Хуросон тахти аро
Мирза Ҳусайн Бойқаро
Енгиб жангу жадалда,
Ҳирот шаҳрини олди.
Алишерни чорлади.
Шоир дили порлади. ..
Етиб келди Ҳиротга,
Назарида тонг отган.
— Олам, энди кўрасан,
Тинч бўлади Хуросон,
Юртимизга ҳақ ҳоким.
Ассалому алайкум,
«Мардуми нурон» Жомий,
Шоирларнинг илҳоми
Тенгликларни куйласнн,
Кенгликларни куйласин
Марҳабо, — деб Назоий,
Сўз айтди ҳамал ойи.
Навоийнинг дил хуши —
Ҳиротнинг қурилиши.
Вазир бўлган онидан
Қурилиш майдонида
Бой бермасдан фурсатни,
У ўзини кўрсатди.
Мусалло, бу — Номозгоҳ,
Ҳазрат унга келиб гоҳ —
Муҳандислар ҳолидан,
Меъморлар аҳволидан
Бўлардилар хабардор,
Эзгу ишларга сардор.
Бу хиёбон хуш чирой,
Латофатга жуда бой.
Тикланди «Ихлосия».
«Холосия» — бу зиё.
«Дор ул-хуффоз» шуҳратли,
Дину имонда аҳдли,
Мадрасалар раҳбари:
Имомиддин Ахбарий,
Садриддин Машҳадий
Уламо асли зоти.
Жалолиддин Асирий
Покизалик асири.
Қози Ҳасан Турбатий
Илмдаги қурбати —
«Мен» дегандан қолмаган,
Изланишдан толмаган.
Яна Амир Муртоз ҳам,
Нишопурий устоз ҳам
Навоийнинг йўлида,
Навоийнинг дилидан
Тўкилиб, улғайишган,
Шундай офтобда пишган.
Билсангиз, «Дор уш-шифо»
Беморларга хуш шифо —
Ҳадя этган улуғ жой,
Саҳоватга тўлиқ жой.
Давлат иши кун бўйи,
Ҳамиша ёзмоқ ўйи —
Хаёлини тортарди.
Унга кўп юк ортарди —
Салтанатда Бойқаро
Бир гуруҳ кўнгли қора,
Кирмоқ бўлиб орага,
Чирмовиқдай ўраган—
Подшоҳнинг атрофин,
Уларга шоир ҳавфи
Ўлим бўлиб туйилар.
Фисқу фасод уйилар
Бош вазирнинг изига.
Аммо шоир кўзига —
Кўринмасди ёмонлик,
Тилагани омонлик.
Ёниб қарайди гулга,
Гоҳ сўз берар булбулга.
«Насоимул муҳаббат»,
Севгидан сўз очган хат.
Сўз мулкини олқишлаб,
Она тилини хушлаб,
Асар ёзди атайин —
«Муҳокаматул-луғатайн».
Қоғозга тушди тўлиб,
Машҳур «Маҳбубул-қулуб».
«Мажолисун-нафоис»,
«Мезонул-авзон» боис —
Ўтганлар сўзи ёдда,
Кўплариинг ўзи ёдда.
Ўрганиб услубини
«Сирожул муслим»ини,
Воқеаи «Вақфия»,
Барини суя-суя —
Худди сувдай ичган тоғ,
Кўнгул осмон, кўнгул боғ.
«Ҳайратул-аброр» дами —
Инсон ўйининг жами.
«Фарҳод ва Ширин» севги,
Мардликнинг сири севги.
«Лайли ва Мажнун» асли,
Чиндан муҳаббат фасли.
«Сабъаи сайёр» этди ром
«Ҳафт манзараи Баҳром»,
«Садди Искандарий» бор,
Одилликиинг бари бор.
Хуш келдинг, туркий «Хамса»,
Туроннинг кўрки «Хамса»—
Буюклар саргузашти.
Булоқнинг кўзин очди —
Навоий келажакка.
Олис, деб ҳали пакка —
Шу назмда «тортиб алам»
Туркни айлаб, «як қалам»,
Битмаганни битказди,
Бошни кўкка етказди.
Текин томоқ қанча бек
Сақлашарди унга кек.
Сўзлашар улар ҳамон:
У ёмону бу ёмон.
Кўзингизни очинг, деб,
У дўст эмас, қочинг, деб,
Йўқотинг деб қистайди,
Ўзи нима истайди —
Улар бири-биридан!
Огоҳ бўлинг сиридан—
Кимнинг ўғли, кимнинг қизи,
Қаерларда илдизи?
Ит авлоди бўлар ит.
Бир-бирини талар ит.
Ахир илон илондир,
Одам бўлсанг, инонтир!
Майдаликка ҳуши йўқ,
Ҳақдан бошқа иши йўқ —
Шоир офтоб юз билан,
Янги топган сўз билан,
Ёзиш билан банд эди,
Соддаликдан панд эди.
Қуюқлашар булутлар,
Чорлади ўзга юртлар.
Боғлондан ҳам нарига
Астрабод шаҳрига —
Ҳоким бўлиб кетса ҳам,
Ҳиротни тарк этса ҳам,
Душманлар жаҳдидан тушмас,
Уни ҳеч тинч қўйишмас.
Йўқотиб имону дин
Низомулмулк, Мажиддин,
Валибекдай даруға —
Тоза диллар оғриғи:
Пичир-шивир қилишиб,
Хилватларда келишиб,
Отиб туҳмат тошини,
Гоҳ заҳарлаб ошини,
Толиқтирди Ҳазратни,
Кимга айтсин ҳасратни?
Сўрашсалар-да қуюқ,
Бойқарога ишонч йўқ.
Кайфу сафони хушлар,
Пинжида ғаламуслар.
Гоҳ у ён, гоҳ бу ёнда,
Гоҳо титраб қуёндай —
Доғули кўз мўлтираб,
Гоҳ чақнаб, гоҳ милтираб,
Учириб кин қушини,
Олар хоннинг ҳушини.
Дўстдай тутар ўзини,
У кўзи бу кўзини —
Алдайди ҳар қадамда.
Инсоф кетса одамдан —
Оғасига ғовдир у,
Боласига ёвдир у!
Шаҳзодалар хатоси
Тирик туриб отаси,
Уз зуғмини ўтказиб,
Бир-бирига чоҳ қазиб,
Тахт талашиш бошланди,
Кўзлар эса ёшланди —
Мўмин Мирзо сўйилиб,
Охир замон туйилиб,
Чулғади мунгли наво,
Элга наҳот, шу раво!
Хаёллари паришон.
Қариликдан бу нишон.
Навоий шошиб ёзар,
Ўзини босиб ёзар.
Риёкорлар ҳақида
Тўплади кўп ақида.
Ўтли сатрлар равон,
Якунланди «Чор девон».
Ҳидоят нури Жомий,
Шарафлар топди номи —
Ул «Туҳфатул-афкор»да,
Ундан дўстлик наф кўрди:
Навоий бахтим менинг,
Орзую аҳдим менинг.
Ўз умрининг кечида,
Боғи илҳом ичида —
Бир оз ором олсинлар,
Ижод билан қолсинлар.
Маҳлиё бўлиб гулга,
Шеър ўқишсин булбулга!
Биз эса, саёҳатда,
Гоҳ пиёда, гоҳ отда.
Йўлда давом этамиз,
Орзуимизга етамиз.
Етиб мўйсафид ёшга,
Жомий, Яздий учрашган —
Инжил ариқ қаерда?
Яйратарди сайрда,
Унинг сўлим қирғоғи,
Ҳеч қиёси йўқ боғи.
Улар бнр-бир бўйлашса,
Чиройлисин ўйлашса —
«Боғ зоғон» энг сарами,
Ё «Боғ жаҳон оро»ми?
«Бинафша боғ»и азал
«Боғи эрам»дан гўзал,
Мухтор тоғи — чоғроқ тоғ,
Этаклари боғ-роғ тоғ.
Ҳиротнинг қон томири,
Тўғриси жон томири —
Хируруд жим оқяпти.
Ўз йўлида боқяпти,
Шу гўзаллик маржони
Ҳайрон этиб ҳар жонни!
Кўринади гумбазлар,
Ўша жилвали нозлар
Кундан, ойдан нур олган,
Жуда кўпи нураган.
Аммо ҳали ҳам сара
Икки қутлуғ мақбара:
Бойсунқуру Гавҳаршод,
«Бозор шаб»дан кўнгли шод.
Лутфийнинг ширин тили,
Беҳзоднинг жону дили,
Шеърий оҳанглар нили,
Шоирларнинг манзили,
Энг юлдузли онисан,
«Унсия», қанисан?!
«Ҳавза моҳиён» борми
Сайиллар ҳамон ёрми?
«Дарвозаи Ферузобод»
Ўшанда чиндан обод —
Ажойиб маскан эди.
Кўп қадам босган эди,
Навоий бу ерларга.
Бошлайди қаерларга,
Сизни, яна, ўқувчи-м.
Бугун ётгунча кучим.
Кўплар юрган йўллардан
Сизни такрор йўлладим.
Саёҳатим баҳона
Эслаб улуғ даҳонн —
Илдизимни қидирдим,
Ўз-ўзимни қидирдим.
Тугаб қолди сайр энди,
Кўришгунча хайр энди!

Qayd etilgan