Usmon Azim. Saylanma  ( 82565 marta o'qilgan) Chop etish

1 B


AbdulAziz  07 Aprel 2010, 15:48:21

Usmon Azim. Saylanma



Muallif: Usmon Azim
Hajmi: 946 Kb
Fayl tipi: pdf, zip
Saqlab olish
Online o'qish

Qayd etilgan


Ansora  09 Aprel 2010, 20:32:13

УСМОН АЗИМ

САЙЛАНМА


Шеърлар

«ШАРҚ» НАШРИЁТ-МАТБАА КОНЦЕРНИНИНГ
БОШ ТАҲРИРИЯТИ
ТОШКЕНТ
1995


Таниқли шоир Усмон Азимнинг бу китобига унинг сара шеърлари жамланди. Бу тўпламда шоир ижодига хос булган асосий мавзу – Дунёни ва Инсонни мукаммал кўриш орзусида яшаган шахс армони бутун кўлами, қарама-қаршиликлари, фожиаю қувончи, ҳасрату умидлари билан гавдаланади. Шоир Дунёни самимий ёзади. Шоир шеъри айланган Дунё китобхон ҳис килиб турган дунёнинг суратига жуда яқин ва шу билан бирга аллақандай нурланган, кўнгилга ва руҳга мадад бергувчидир.


* * *

Тонг титрайди кеч кузакнинг қучоғида,
Юлдузларни ўчирмоқда гулгун шафақ.
Жоним, қалбим шеъриятнинг пичоғида...
Замин — тилсим, осмон — тилсим... шеър — бешафқат!

Мен қийналдим. Хаёлимнинг қанотида
Денгизларни кўтарганча толиб учдим.
Юлдузларни кўп кўрганман ҳаётимда,
Денгиздаги юлдузларни келди қучгим.

Кўкка боқдим, ўт туташди жоним аро...
Қат-қат булут қатларида не сир-асрор!
Ҳайрат ичра ўлдиргуси мени само,
Она замин, уча қолай, қўйиб юбор!

Мен ёр дедим.. Лайлими ё, Ширинми ё!
Ёки энди туғилажак бирор малак?
Мана, мен, деб кўз олдимда бўлди пайдо,
Мана, мен, деб шеърдан боқди якто юрак.

Юлдузларни ўчирмоқда гулгун шафақ,
Тонг титрайди кеч кузакнинг қучоғида,
Шеър ёзилар... Қийноқ, сенга бўлсин шараф,
Жоним, қалбим шеъриятнинг пичоғида...

Ҳали бутун рўйи жаҳон шеър бўлажак,
Фақат бекор билиб ором қучоғини —
Бу дунёни сирга кўмиб яшаш керак,
Қалбга санчиб шеъриятнинг пичоғини!

Qayd etilgan


Ansora  09 Aprel 2010, 20:32:33

«ДАРС» КИТОБИДАН
1986


* * *

Бир қишлоқда яшайди ўғлон,
Оддийгина деҳқоннинг ўғли.
У боқади оламга ҳайрон,
Неларгадир тўлади кўнгли.

У боқади зангор осмонга,
Бир зумгина қолади қотиб.
Зангор осмон деҳқон ўғлонга
Ниманидир қилади тортиқ.

Маъраганча қирларда қўзи,
Дикир-дикир югургани он,
Не учундир ловуллар кўзи,
Титроқ ичра қолади ўғлон.

У қувончдан ҳайқирар, баъзан
Шаршаралар ақлини олар.
Ниманидир шаршара бирдан —
Жажжигина юракка солар.

Насиб бўлса ўша "нимадир"
Жажжи қалбда бошлар талваса,
Туғилади шунда бир шоир,
Шеър мисоли юраги тоза.


* * *

Мени севинг,
Мендан нафратланинг —
Бошқасига рухсат бермайман.

Мен сизни севаман
Вл нафратланаман,
Майда туйғуларни кўрмайман раво.

Шеър ёзаман — севги,
Шеър ёзаман — нафрат.

Сиз бўлса, лаънатилар,
Алдайсиз мени,
Қўлда ханжар тутиб
"Севаман" дейсиз.

Қўрқманг,
Ростини айтинг,
Балки сизни
Ўшанда севиб қоларман,
Мана, мен
Сизга
Нафратим ва севгимни
Ҳар битта шеъримда
Айтаяпман-ку!

Балки шунинг учун
Мендан
Нафратлансангиз ҳам
Севгилингизга
Шеърларимни ёддан ўқиб берасиз.

Мен сизнинг рост гапларингизни
Севлигимга
Айтаман қачон?..


ЛЎЛИ ҚИЗ ҚЎШИҒИ

Мен йўлларда туғилганман,
Айрилмасман йўллардан.
Умрим ўтар йўллар билан,
Кезиб-кезиб ўларман.

Бугун бўлса юрагимга
Ҳамдам бегона туйғу.
Бу туйғулар ўткинчидир,
Фақат шу йўллар мангу.

Ўтар эдим бир қишлоқдан,
Ақлим олди бир ўғлон.
Қололсайдим шу қишлоқда,
Яшар эдим беармон.

Ул йигитга ёр бўлишни,
Орзу қиламан, орзу.
Аммо орзу ўткинчидир
Фақат шу йўллар мангу.

Ловуллайди жажжи гулхан,
Унга боқиб ўйлайман.
Қўлга олиб чилдирмани,
Ғамларимни куйлайман.

Муҳаббатим довул мисол,
Қалбимга солар ғулу.
Аммо севги ўткинчидир,
Фақат шу йўллар мангу,

Кетмас бўлса муҳаббатим,
Қалбимда қолса туриб,
Уни сира аямасман,
Ўлдирадурман бўғиб —

Ҳар нарсани енгадурман,
Муҳаббат оддий ғам-ку!
У ўткинчи... ўтиб кетар...
Фақат шу йўллар мангу.


ШЕЪРИЯТ

Кўзлари чақмоқ тулпор,
Туёғи чақмоқ тулпор.
Сувлиқ лабларин йиртган,
Ёллари байроқ тулпор.

Бир босган изинг гулдан,
Бир босган изинг кундан,
Қуёш бўлиб ланғиллаб,
Ажраб борасан тундан!

Ўжар тулпор, тонг тулпор,
Йўллари осмон тулпор,
Парвозингга куч бўлсин,
Берайинми жон, тулпор?!

Самоларда уч шўх-шаън,
Майли, ерда қолсин тан.
Эй, қалдирғоч қанотим,
Сен менинг маст руҳимсан!

Вужуди олов тулпор,
Ёнасан лов-лов тулпор,
Тортган араванг —замин,
Оловли ялов тулпор.

Кўзлари чақмоқ тулпор,
Туёғи чақмоқ тулпор,
Сувлиқ лабларни йиртган
Ёллари байроқ тулпор...


ТУШ

Гуноҳкорни энг одил ҳакам
Ўлдирмоққа айлади ҳукм.
...Эргашаман жаллод ортидан,
"Мени ос", деб қиламан зуғум.

Қўриқчилар боқади ҳайрон,
Ҳеч ким менга демайди: "Тўғри!..
Сен бир мўмин, бегуноҳ инсон,
Ўлиши шарт, ахир, у — ўғри!"

Жовдирайман жаллод қошида:
Ўйлаб топгин бирор бир имкон,
Қоп кийгизмай тургин бошига,
Унинг учун мен берайин жон".

"У — порахўр", дейди халойиқ,
Мен ўртага қўйиб жонимни,
Дейман: "Йўқ, у яшашга лойиқ,
Қонун, тўккин менинг қонимни".

"У севгисин сотди", қичқирар
Бир аёлнинг қасоскор кўзи;
Тиз чўкаман: "Синглим, муқаррар
Буюк номзод ўлимга ўзим!"

...Ва томоша чиқар авжига,
Энди қурбон кутмагай шафқат.
Ноғоралар зарби мавжида
Титрай бошлар уфқда шафақ.

Бош ураман дор оғочига;
— Мени ўлдир, озод бўлсин у!
Шунда жаллод келар қошимга:
— Ахир, зарра гуноҳинг йўқ-ку!

— Айбсизлигим — бир ўлимга тейг,
Мен учун ҳам жаллод, дор қургин,
Ҳамма гуноҳ қилди — кўрдим мен,
Ҳамма гуноҳ қилди — жим турдим…


БУЮМЛАР ҲАҚИДА БАЛЛАДА

Бурилиб бўлмайди хонамиз ичра,
(Эҳтиёт бўлсанг-чи!) тўрт тараф буюм,
Оламда кезаман кўзларим хира,
Теграмда айланар буюмдан қуюн.

— Ишла— Нима учун?— Югур!— Нимага?
— Телевизор керак!— Машина!— Буюм...
Бир йилки, боқмадим тўйиб дунёга,
Севгилим, унутдим майсалар бўйин.

— Жавон келган экан...Юринг...Кетдик...Тез!
Усиз одаммиз деб айтоламизми?
— Севгилим, олислаб кетмаймизми биз,
Севгилим, орқага қайтоламизми?

Яхшилаб кўтаринг, ерга тегади,
Бу — йиллик меҳнатга тўланган товон.
— Севгилим, залвори қаддим эгади,
Ерга киргизай деб босади жавон.

— Танишлар ўтмоқда — беришиб салом,
Сиз ҳам бош силкитинг, жилмайинг майин...
— Кўзим тинияпти. Елкамда жавон,
Жоним, одамларни қандай кўрайин?

— Болажон, сен мени танимадингми?
Мен сени туққанман. Қўзим, онангман!
— Онажон, бу жавон шунчалар улкан,
Мени тўсиб қўйди ёруғ оламдан!

— Келдингми?
О, болам, сенда гапим бор...
Биргина сўзингни интизор кутдим!
— Шошяпман... Дўкондан мол олмоқ даркор...
Сенга нега келдим? Унутдим...


БЕШАФҚАТ БАЛЛАДА

Бу қиз бир сўмга ҳам қилади муқом,
Тўйдан қочиб чиқди уялиб мақом.

Қўшиқ — навбатдаги бир "...хон" ҳақида,
Пулни ол! Ор-номус эски ақида.

Ишвани ёпиштир баданга, юзга,
Айниқса, мастларни қочирма кўздан.

Ишва бозори бу! Столлар — раста!
Торнинг гилофида пул даста-даст?

Анов дўкончига қил аввал таъзим,
Бир дам совумасин бир нодон базм.

Раққоса! Хиром қил отгунича тонг,
Сўнг ухлаб оларсан келганида шом.

Уйғониб, йиғларсан шом чоғи албат,
Агар йиғламасанг ундан ҳам даҳшат...

Раққоса! Даврада илдам-илдам суз!..
Нега нозинг — олов, кўзларинг — нақ муз!

Ҳа, ҳаёт — бешафқат! Тугади эртак!
"Тўхта!.." деб қичқирмас бирор-бир эркак!


* * *

Осмонга ҳам отгум тош,
Гуноҳкор бўлса қуёш.
Гуноҳкор бўлса қуёш,
Қайтиб тушмагайдир тош.

Осмон ҳам бўлиб ғаним,
Қайтиб тушса — не ғамим!
Бир тош тушса тушибди
Тоғдай бошимга маним.


* * *

Бу ерга келтирди мени тасодиф,
Кимдир шеригига латифа сўйлар.
Кимдир креслода ухлайди қотиб,
Марк Бёрнес турналар ҳақида куйлар.
Қаршимда лобар қиз ўлтирар жиддий.
Ичмаган. Столда қадаҳи лим-лим.
Сездингми, хонада бир армон ҳиди,
Турналар оламда учмоқда, синглим!
Кимгадир ёқмади бу маъсум қўшиқ...
Бошланди машина ҳақида баҳслар,
Бир жуфт қийшанглайди ўзича жўшиб,
Янги нағма эмиш ажнабий рақслар.
Қайдасан, Маркс Бёрнес? Куйлагин эзиб,
Олифта, наҳс босган давра чўксин тиз.
...Кетаман, тун бўйи дарбадар кезиб,
Турналарим билан қолгани ёлғиз...
На бўлди, бу сенинг ташрифингми, шеър?
Бошимни тарк этмас ўжар бир хаёл...
Лобар қиз даврага яхши қолинг дер,
Ва жўнар ҳаммани қолдирганча лол,
Ишқибоз йигитча тополмас тадбир:
— Нимага? Не бўлди? Шундай тунда... Бас...
Ўжар қиз хўрсинар:
— Тушунинг, ахир,
Марк Бёрнес куйлайди, ҳеч ким тингламас!..
Қайтмагин! Юраклар бордир оламда —
Ки, улар пок ҳислар юрти — ватани.
Уларни излаб топ,
Ҳеч бўлмаганда,
Турналар учганда ғамгин боққани.


БИР ДАРАХТНИНГ СЎНГГИ ҚЎШИҒИ

Мен шундай яралдим:
Сумбатим эгри,
Гулларим қалбларга солмас ҳаяжон.
Мевамга ҳеч кимнинг тушмаган меҳри,
Баргим — чумолига бўлмас соябон.

Алвидо! Мен энди мақсадга етдим,
Боғдошлар, сўнг йўлга кузатинг, қани...
Мен ўтин бўлгани узлатга кетдим,
Мен кетдим, дўстларим, олов бўлгани!


* * *

Сиқилиб кетасан...
Уйингнинг тўрт девори
Омбирнинг тишларидай даҳшатли боқар,
Совуқ боқар...
Совуқ!
Ҳозир жипслашади шифт билан гилам.
Кўкрагингга сиғмай талпинаётган юрагинг
Пажмурда гавдангдан отилиб чиқади-да,
Ерга йиқилади қонга беланиб,
Агар сен ҳозир...
Агар сен...
Уйингнинг эшиги ланг очилади:
— Салом шовқин,
Салом кўча!
Бағрингга олгин!
Лабларинг ненидир шивирлар шодон.
Бирдан ҳис қиласан: замин-замин эмас,
Уфқлардан тортиб остонанггача
Шовуллаб, ловуллаб ётган бир денгиз.
Кўзингда порлайди ботаётган қуёш
Ва бирдан сезасан: одамлар эмас,
Кемалар кўчадан ўтмоқда сузиб —
Ишхонага эмас, майхонага эмас,
Америка очгани кетмоқда улар.
Уларни ҳайқириб табриклагинг келар,
Ва бирдан англайсан:
Сен ҳам бир Колумб.

Колумб, елканларни баландроқ кўтар.
Колумб, хавф-хатарга қилмагин парво!
Колумб, бу дунёдан одамлар ўтар,
Колумб, одамлардан ўтмоқда дунё.


ПАРАЛЛЕЛ ЧИЗИҚЛАР

Биз параллел чизиқлармиз,
Учрашмаймиз ҳеч қачон.
Олға қараб талпинамиз,
Изма-измас, ёнма-ён.
Тоғ дуч келса, тешиш керак,
Ханжар бўлар танамиз.
Тўғри йўлда ловуллаган
Чақмоқларда ёнамиз.
Биз параллел чизиқлармиз!
Тўғрилик — тақдиримиз.
Умримизга тик, тўғри йўл
Қурамиз ҳар биримиз.
Чексизликка югурамиз,
Изма-измас, ёнма-ён.
Дўстлармиз-ку, кўришмаймиз,
Учрашмаймиз ҳеч қачон.

Тўғри йўллар чарчатди-ку,
Эй, параллел йўлдошим,
Чақмоқларда, туманларда
Қолди сабру бардошим.
Боққан эгри чизиқларга
Улар айрилаверар.
Лаҳза ўтмай йўлларидан
Жим-жит қайрилаверар.
Ел қўзғолса, қалтирашар,
Сокин паноҳ излашар,
Чақмоқ чақса, чекинишар,
Оловларда музлашар,
Мен не учун?.. Бўлди... Хайр,
Эй, параллел йўлдошим!..

...Бир кун беғам эгриликдан
Айланиб тўхтар бошим.
Шунда сенинг йўлларингга
Термуламан нигорон.
Эгриликдан ҳар лаҳзада
Топдим висолу ҳижрон —
Аммо қолиб кетавердим,
Бир манзилда айланиб,
Яна йўлга чиқсаммикин,
Чиҳсаммикин шайланиб.
Висол менга керак эмас,
Майли, ўлдирсин ҳижрон...

Параллелим, мени кечир.
"Хўп" де юрай ёнма-ён.
Мен-ку бир кун ҳайқираман
Лобачевский мисол:
"Параллеллар кесишади!"—
Дўстим, ҳамдам қила ҳол.


КАТТА ЛЕЙТЕНАНТ У.АЗИМОВНИНГ АСКАРЛАРИГА САБОҒИ

Бир, икки...
Тухтанг!
Дарсни бошлаймиз.
Кеча утган эдик югуриб жанг қилишни,
аммо мудом «ура!» деб югура олмаймиз.
Аҳвол танг булганда
эмаклаш ҳам шарт.

Эмаклаш ҳақида бугунги сабоқ:
Ғанимнинг ғазабдан
титраган пулемёти,
майсаларни ўроқдай
қийрата кетса,
мардонавор керилган кукрагимизни
олис галабанинг ширин ҳаволаридан
тулдириб-тўлдириб
нафас олгани,
ерга йиқиламиз,
эмайлай бошлаймиз...
Ахир, ғалабани она-Ватанга
тириклар келтиради,
уликлар эмас,
Тирсакни аяманг,
тиззани аяманг,
кийимни аяманг!
Эмакланг!
Олға!
Хуш, саволлар борми?
Суз сизга, сержант.
Нега мен сиз билан эмакламадим?
Менга эмаклашдан куп сабоқ беришган,
аммо уддасидан чиқа олмадим...
Хуллас, ихтиёрингиз...
Маслаҳатим шу:
ўзингизга раҳмингиз келсин!
Бошингизни аяманг!
Юракни аяманг!
Умрни аяманг!
Ғалабани ўликлар эмас,
тириклар келтиради
она Ватанга...


МЎМИН МИРЗОНИНГ СЎНГГИ ҚЎШИҒИ

Мени асир олдилар.
Бедовимнинг бадани
Асабий титрар, учар...
Оллоҳ, караминг қани?
Бедовим пишқиради,
Кишнайди эзиб-эзиб,
Жиловига ёпишган
Ажалнинг ҳўлин сезиб...
Мени асир олдилар.
Осмон — каро, ер — қаро...
Нега истиқболимга
Чиқлинг, сен, эй фуқаро?
Балки бир тирик сатрим
Чўккан кўнглинг кўтариб,
Учган ғамхона ердан
Орзу осмони сари.
Балки етим-есирга
(Тиёлмай кўздан ёшим)
Эҳсон айлаганимда,
Хаёлкаш ватандошим,
Бошимга тож кийгизиб,
Мени кўргансан султон —
Жами жонзод бахтиёр,
Эл — тинч, юрт — омон-омон...
Балки устод Алишер
Қалбидан кўчган меҳр
Юрагинга пок руҳим
Бандлаб, айлаган сеҳр...
Мени асир олдилар.
Отим сувлигин чайнар,
Найзалари сўлқиллаб,
Қўлларида ўқ-ёйлар,
Қўриқчилар теграмда
Қур ташлаб борар ҳушёр.
Дардимни айтолмайман...
Халқ, тингла бир банд ашъор:
"Мен ҳам илкимда қилич,
Овлаганман йўлбарс, шер!
Душман музаффар ўлди,
Ағёр фалак қилди ер..."
Мени асир олдилар...
Бўғзимда эрк қўшиғи!
Анграйиб очилади
Ҳибсхона эшиги.
Сўнг бор оламга боққин
Эй, омонат ҳаётим!
(Кўзида ёш айланиб,
Қўлимни ялар отим).
Энди ҳеч кўришмаймиз,
Оқибатли фуқаро,
Оёқ-қўлим занжирда,
Ҳибсхона қоп-қаро.
Тўрт томонда солланар
Хоин муштлар кўлкаси...
Нега тинч яшолмайсан,
Боболарим ўлкаси?
Наҳот ҳар зукко аҳл,
Шерюрак, темирбилак,
Фитналарнинг зарбидан
Йўқликка кетса қулаб?
"Мен ҳам илкимда қилич,
Овлаганман йўлбарс, шер.
Душман музаффар ўлди,
Ағёр фалак қилди ер..."
Бу тун бобом ғўлдираб,
Ширкайф боқиб жаҳонга,
Муҳр босар қонсираб
Қалтираган фармонга.
Низомулмулк тиржаяр,
Таъзим айлар бош эгиб.
Жаллодга "оҳ йўл" тилар
Момом Хадичабегим...
Ҳибсхона эшиги
Шиддат билан очилар,
Бир хавотир ичида
Тош қотади соқчилар.
Кир панжасин бўғзимга
Қадар жаллод Бий Жангий...
Қонхўр! Мунча титрама,
Оёқ-қўлим кўганли!
Оллоҳ, собит сабр бер!
Ўлим олди талвасам
Виқорли, сокин бўлсин —
Ажалга боқай ўктам.
Кўксимда қотар нафас...
Карахт танимдан оқиб,
Жоним ойдай чиқару
Туманга кетар ботиб.
Қотил! Тамом... Мен ўлдим...
Қотил! Бўйнимни бўшат!
Руҳим эл аро учар
Бир даста нурга ўхшаб.
Нурга ташна, эй халқим,
Мен учунми кийдинг кўк?
Ёш эдим — дардларингга
Малҳам бўлолганим йўқ.
Жасадим совиб борар...
Қотил, олгин қўлингни,
Аллақачон танимга
Жойлагансан ўлимни.
Нимадан қўрқаяпсан?
Титраяпсан? Ҳушёрсан?
Мени яна асрлар
Бўғмоқликка тайёрсан...
Асрий зўриқиш нечун?
Ахир, ушбу лаҳзалар
Абадият тож-тахтдан
Жирканмоғига етар!..

Бу ўринда Мўмин Мирзонинг шеъри эркинроқ бир тарзда келтирилди. Музаффар сўзида икки маъно бор: музаффар — ғолиб, Музаффар — Мўмин Мирзони ҳибсга олган амакиси — Музаффар Ҳўсайннииг исми ҳамдир.


МИРЗО УЛУҒБЕКНИНГ ЎКИНЧИ

Армонларим ушалсин деб
Сенга қарадим, осмон.
Юлдузларинг дувва-дувва
Тўкилди-ку бошимдан.

Баланд бўлиб, паст кунимга
Қачон ярадинг, осмон?
Бошларимдан тўкканинг у
Юлдузларинг тош экан.


АБДУЛЛА ҚОДИРИЙ

Бўғзимга баҳайбат қайғу тиқилди,
Кўзимга йиқилди қоп-қора булут.
Тиззамдан сирғалиб китоб йиқилди,
Бирдан синфга чўкди бир ҳайрон сукут.

Партага бағримни бериб йиғладим,
Сукунатга айтдим: "Жон берди... Кумуш..."
Муаллим жилмайиб мени тинглади,
Бошимни силади ҳам шод, ҳам хомуш.

Деразадан нари, ёмғир қўйнида,
Гулларга баданин кўмарди баҳор,
Муаллим термулиб баҳор рўйига,
Деди: "Ўзбекистон мангу барқарор!"

Ёмғирдай бир соғинч кўксимга тўлди,
Юракка туташди нотаниш ғулу.
Ногоҳ Ватанимни кўргандай бўлдим,
Қодирийнинг худди ўзи эди у.

Тўрт девордан бўлса, боқардилар жим,
Синовчан кўзларин кўзимга қадаб,
Ҳозирча суратда таниганларим —
Навоий, Нодира, Гулханий, Машраб...


УСМОН НОСИРНИНГ СЎНГГИ ТУШИ

Мен, ҳар ҳолда, Тошкентда эдим,
Хадрасида, ё Ўрдасида.
Эс-ҳушимдан айрилиб турдим
Кенг шаҳарнинг қоқ ўртасида.

Тонготарга боқдим-да, бирдан —
Кўкрагимни қолдим қучоқлаб.
Уфқ нега қонга беланган,
Ким осмонни кетди пичоқлаб?


ОЙБЕКНИНГ СЎНГГИ ШЕЪРИ

Мен дарёга қармоқ ташлайман,
Ана, балиқ — силкир думини.
Мен балиқни озод айлайман,
Кечираман очкўзлигини.

Беданага қўяман тузоқ —
Ҳаялламай қолар илиниб.
"Уч, кез" дейман далада озод,
Кечираман анқовлигини.

Ҳар бир гули — бир эзгу учқун,
Ҳув чўққида яшнар наъматак.
Қуёшга гул тутгани учун
Тиканига қиламан тоқат.

Гапим тамом...Ҳа, мен ҳам ўтдим!
Уч... Икки... Бир... Тўхтади юрак...
Балиқ, қўрқмай қармоқни ютгин —
Мен, ҳар ҳолда, ўлмасам керак!


МАҚСУД ШАЙХЗОДА

Суратимни чизмоқ учун
Оппоқ бўёқ танладинг.
Бу дунёга нега келиб,
Кетганимни англадинг.

Қўлларимнинг тасвирига
Югуртирдинг оқ бўёқ.
Юзимни ҳам оққа бўя,
Юзим доим бўлган оқ.

Курашларда гарчи ёндим,
Шукур, виждон беямоқ.
Чизавергин имонимни:
Имонгоҳ — юрак оппоқ!

Хўш, нимани ўйлаб қолдинг,
Қандай бўлур теварак?
Ҳа, суратнинг тевараги
Бу дунёи чархпалак!

Бу дунёни тушунтирай:
Менга яхши сўз бўлди,
Мен дуч келсам қай одамга,
Бир умрга дўст бўлди...

Йўқ, бекор гап, дўстларимдан
Фақат яхшилик топдим.
Демак, сурат теварагин
Оппоқ бўёқда ёпгин!

Қора рангга қўл тегизма,
Шафқат ҳам керак андак!
Мен кечирдим, наҳотки, сен
Кечирмайсан, келажак...


* * *

Шуҳрат Абдурашид хотирасига

I

У кулиб келади. У йиғлай олмас.
Қўлини кўксига қўяр. Қўли қон.
Менга уқтиради: "Дўстим, қўрқма, бас,
Бу — шафақ! Кўксимда отаяпти тонг".

У кулиб кетади. Тонг ота олмас,
У — сахий. Дунёга беради жони.
Дўстим, саволим бор, қайтгин бир нафас,
Дўст, не қилай қуёш кўмилган тонгни?

II

Қайга бораяпсан, мунча шошмасанг?
Машриқда милтираб сочдингу зиё,
Бағримга нурингни тўйиб босмасдан
Мағрибда қизардинг ва бўлдинг адо.

Йўлдан қолдирмайман... Дўсти девона,
Барибир тўхташга етмагай сабринг.
Ахир, менинг йўлим яқин — ишхона,
Сенинг йўлинг олис — келажак сари...


* * *

Теша ака Сайдалиев хотирасига

Гўё ҳануз тирикдай
Сиз, яна болалигим...
Тўртта ҳаваскор бола
Термуламиз сизга жим.
Кўзойнакдан боқади
Кўзларингиз меҳрибон:
"Сизлар қанот ёзсангиз —
Қўшиқ бўлади Сурхон!
Ҳали мўртсиз. Пайт келар
Тўлин ойдай тўласиз.
Ишонинглар, ҳаммангиз
Катта шоир бўласиз".
Кунлар... Йиллар ўтдилар,
Шеърият — дилда байроқ,
Севги... севги ҳам келди,
Қалбга кирди бир титроқ.
Кеча тўпни шеър қилган
Мактаб талабалари
Куйлаб кетишди бирдан
Севги ғалабаларин.
Ранги бўздай муаллимлар
Ёқасини ушлашар.
Ошиқ шоирлар бўлса,
Муҳаббат деб муштлашар.
Директор хонасида
Тик тургач икки-уч бор,
Сизга хатлар ёзамиз,
Тўлиб-тошиб исёнкор:
"Нега? Айтинг-чи, нега?
Севишимиз чиндан, рост!
Ўқинг шеърларимизни,
Унда ҳақиқат, холос".
Бизнинг содда гапларга
Ичингиздан куласиз:
"Ёзаверинг... Ёзинглар,
Катта шоир бўласиз!"
Кейин шаҳар... Дабдаба...
Юрак ҳам лол, тил ҳам лол.
Биз барибир ёзамиз
Ғижинишиб телбаҳол.
Тунов тоғларга боқиб,
Қалбда уйғонган ҳайрат,
Қўшқават биноларнинг
Қаршисида лол, карахт.
"Катта шоир бўласиз!"—
Бу далда, азиз калом,
Таянч бўлди дилимизга,
Баъзан ягона илҳом.
...Кейин... кейин йиғладик
Йиғилишиб тўртовлон,
Сизни ташлаб кетганди
Ҳаёт отлиғ бу карвон.
Дарёларда қайиқдай,
Оқиб кетди бир шоир,
Оламга тўймай, тўймай,
Боқиб кетди бир шоир.
...Кўчаларда кезаман
Дилда туйғулар майда,
Аввалгидай шеърни деб,
Жангга кирмоқлик қайда?
Тортинаман баҳслардан,
Ҳайқириш бўлган абас.
Чунки яхши биламан,
Ҳамма ҳам сиздек эмас...
...Агар шоир бўлмасам,
(Бу балки бир баҳона)
Барига ёлғиз сабаб,
Йўқлигингиз дунёда.
Меҳрибон боқишингиз,
Бўлганимда бағри хун...
"Катта шоир бўласан!.."
Етишмайди мен учун.


* * *

Инсонни тушуниш керак...
Сизни зор этиб бепарво боқувчи,
Тушларингизга. кирадиган жодугар кўзлар
Балки мағрурликдан,
Балки ҳаёдан,
Сизга юлдузлардан олисроқ эрур.

Журъат қилинг бир оз, ширин-ширин сўз топинг,
Шабада, Нур, Осмон, Қуёш, Ер бўлинг,
Унинг орзуси бўлинг, қайғуси бўлинг —
Ўшанда елкангизга бошини қўйиб,
Ҳеч кимга айтматан ул азиз сўзни
Маъсум лаблари-ла балким шивирлар:
"Севаман!"

Инсонни тушуниш керак!
Май ҳиди анқиган ғариб қаҳвахона...
Одамлар, қадаҳлар, сигарет дуди,
Кимдир ориқ, қалтироқ қўллари билан
Чўнтагин ағдариб (тамаки қолдиғи тўкилар)
Ягона сўмини сарфлар ароққа.
Боринг, қўлингизни елкасига қўйинг,
Дўстим, денг.
Ароқдан яқин дўст кўрмаган юракка,
Баҳор ташриф буюрса ажабмас.
Ажабмас, сархуш кўзларда олов ёниб,
Қўллари мушт бўлиб тугилса,
"Мен қайтдим йўлимдан,
Мен сен билан бирга,
Дўстим..." деса ажабмас.
Инсонни тушуниш керак!
Ўқ янгради. Энди Маяковский ҳам йўқ...
Ҳайрон югуради мухлисбаччалар:
— Нимага?
— Ақлдан озибдими?
— Мен минг йил яшардим ўшанча шуҳратим бўлса...
Ҳамон фол очишар, ҳамон лол қолишар...

Шеъриятни қондай юракдан сиқиб,
Курашиб, ҳайқириб яшаш осонми?
Душман-ку, кўринса бўлади пачоқ,
Ҳайиқиб қолади ҳатто дўстлар ҳам.
Ердаги худолик жонига тегиб,
Маузерни қўлга олгани маҳал,
Кутгандир:
Нажоткор бир кимса келиб,
Улкан шон-шуҳратнинг соясигамас,
Биродарлик учун "қалайсан", деса.

Инсонни тушуниш керак!
Кечирасизлар, орзумнинг қаноти узунроқ.
Бундай бўлмайди...
Тузалмас маразлар ҳали анча бор...

Бироқ менга туюлади:
Жами душманларим,
Севмаганларим —
Мен тушунмаган дўстларим.


* * *

Бир бошингда шеър, ғалваси, рўзғор ташвиши,
Шуҳрат юки, мақтов, ғийбат, ағёр қилмиши.

Баъзан дунё дардларидан бўлмайсан огоҳ,
Ўз-ўзингга кичкинадай туюласан гоҳ.

Замин — улкан, само — чексиз, олам — бесарҳад,
Сен нимасан? Бир заррасан, нуқтасан фақат.

Йўқ шоирсан! Миттиман, деб ғам чекма зинҳор,
Кенгликларга сиғмай ҳайқир: "Олам бунча тор!"


ҚИШКИ ЭРТАК

Тоғ-далада маст кезар чилла,
Тунлар аёз шунақа зўрки...
Изғиринли, совуқ тонг палла
Тушиб қолди қопқонга бўри.

Тумшуғини чузиб осмонга,
Ғазаб билан увлади бир дам.
Сўнгра ҳамла қилди қопқонга,
Қопқон бўлса бардошли, маҳкам.

Кўп уринди... охир бемадор
Оппоқ қорга чузилди, мана.
Ўлим олди банди жонивор,
Нималарни уйлар экан-а?

Кўз олдига балки келгандир
Далаларни озод кезгани.
Поёни йўқ тоғлару адир
Ўзимники дея сезгани.

Балки тонгни ўта бошлади...
Куз олдидан ўта бошлади...
...У қопқонга тушган оёғин
Ғажиб-ғажиб узиб ташлади!

Оппоқ қорга қонлар оқизиб,
Оқсоқланиб жўнаб кетган дам,
Булутлардан нурлари сизиб,
Қуёш чиқди, тугади тонг ҳам.

Ҳамроҳ бўлиб қуёш нурига,
Овчи келиб қолди шу нафас.
Овчи, қувон, сеники ўлжа,
Мажруҳ бўри қочиб қутулмас.

Овчи бўлса (овчими ўзи?!)
Ҳайрон боқиб турган қопқонга,
Хаёлларга кўмилиб ўзи,
Қайтиб кетди қишлоқ томонга...


* * *

Чавандоз улоқдан қайтди пиёда,
- Рангларингиз бир ол, айтинг, не бўлди?
- Онаси, дардимни қилма зиёда,
Онаси, отгинам... отгинам ўлди,

Учиб борар эдим мисоли шамол,
Отгинам қоқилди. Ўтмасдан бирпас...
Жасади устида туриб қолдим, лол,
Онаси, отимдан ажралдим, хуллас...

Чавандоз хўрсинди, «уҳ» тортди оғир -
Бир четга жимгина бурди юзини.
Балки у - эркак-да! - истамагандир,
Хотини кўришин ёшли кўзини.

Оламни тарк этди офтобу кундуз,
Чавандоз хўрсинар, ўйлар отини.
Эрига боққанча майину маъюс,
Гапирмас, ўлтирар сассиз хотини.

Чавандоз хўрсинар... От қайда энди,
Энди қайдан булсин у роҳат - лаззат?
Хотини ҳам жим-жит ўлтираверди,
На тасалли берди ва на насиҳат.

Чавандоз хўрсинар... Тонг отар эди,
Энг сўнгги юлдузлар борарди ботиб,
Хотини шивирлар: «Ҳеч хафа бўлманг,
Сизга от оламиз уй-жойни сотиб...»


БЕЗОВТА ТУН

От жонсарак ер тапинар,
Узар тизгинни.
Тентак шамол олиб келар
Жондор исини.

Қаро тунда ловуллайди
Бўрининг кўзи.
Қичқирару шамол жарга
Ташлайди ўзин.

Чақмоқ! Ёмғир урилади
Қоя бетига.
Қўйлар ҳуркиб ғуж бўлади
Қўтон четига.

Эмаклайди бўри жим-жит,
Ўлжага интиқ.
Тунга қараб итлар ҳурар...
Қарсиллар милтиқ!

Ўтовда тун. Чўпон ўрнин
Топар пайпаслаб.
Ўғилчаси кирар титраб
Ўрнига аста...

Кеча — узун. Кеча — чексиз.
Кеча — ғалаён.
Хавотирда фарзандини
Қучоқлар чўпон!

У тўлғонар тишларига
Тишлаб ноласин...
Шамол йиғлар — етим қолган
Бўри боласи...


ЭНГ СЎНГГИ ОҲУ ҲАҚИДА БАЛЛАДА

«Болажон, энг баланд чўққига чиқдик,
Аммо бу чўққи ҳам қилмагай вафо.
Инсон келаяпти кўтариб милтиқ...
Гўдак илтижоси булармиш бажо.

Тилаган, елкасин темирлар эзган,
Олам берсин бизга халоскор қанот...
...Алвидо, заминда бепарво кезган,
Темирга сиганган буюк одамзод!»

Оҳу учиб борар заминни ташлаб,
Ёнида боласи - чирой сарвари.
Оҳу учиб борар кўзларин ёшлаб,
Дилни ўртагувчи хаёлот сари.

Одамзод недандир безовта, дилгир,
Чўққида қуёшдай турибди порлаб.
Милтиғин синдириб у «оҳ» урадир -
Одамзод йиғлайди оҳуни чорлаб.


* * *

Кўзларини очиб-юмар
Митта қушча - ярадор.
Фалак, унга нажот юбор,
Ўлим, бўлма харидор.
Сўнгга «оҳ»и - «чириқ-чириқ»
Жон бермоқда кафтимда.
Қушим,
Сўнг бор ором олган,
Қўлларимнинг тафтида.
Хазонларга кўмдим уни...
Қолдим ўзим ярадор!
Фалак, менга нажот берма,
Оламдан бўл хабардор...


* * *

Мовий ҳаво тўлқинларида
Ўйнаб учдим қуёшга томон.
Икки кўзим аммо заминда,
Очман — Ерда дон бор, дон бор...Дон!

Қушман!
Руҳнинг тирик шониман!
Аммо очлик — лаънати қийноқ...
Ерда дон бор!
Гарчи ёнида
От ёлидан эшилган тузоқ.

Мен қайтаман қуёш йўлидан,
Қанотимни тузоқ қайиргай.
Минг йил банди ётгум қўлида,
Минг йил осмонимлан айиргай.

Минг йил умри ўтади тундай,
Куй туғилар бўғзимда узоқ.
Бир кун ногоҳ сайрайман шундай —
Қирқ жойидан узилгай тузоқ.

Осмон бордир,
Ахир, дунёда!
Осмонда эрк учади танҳо...
Қучоғига мени оладир,
Мовий ҳаво,
Тўлқйнли ҳаво!

Қанотларим эркни соғинган,
Қуёш, сен ҳам эмассан етим...
Яна ким у донга сиғинган?...
Қорним,
Асир тушмаганмидинг?


* * *

Ёмғир ёғиб ўтади
Тунни оралаб сим-сим.
Шамолларда сесканиб,
Тўкилиб титранар боғ.
Гўё боғнинг ичинда —
Беланчаги — изғирин,
Йўргаги — барги хазон —
Алаҳсирар чақалоқ.
Деразадан тушган нур
Ёнар ўрик шохида.
Шох — бемор, совуқ қотган
Гўдакнинг беш панжаси.
Уни нодон онаси
Ташлаб менинг боғамга,
Ўзи баҳор ортидан
Сарсон кетган чамаси.

Онасиз қолган болам,
Чорасиз ёнган болам —
Тунги боғлар ичинда
Қолиб кетдинг, жоним куз.
Ҳасратлари мўл болам,
Ёмғирларда ҳўл болам —
Бағримга босай десам
Қучоғим етмас, афсус...


* * *

Оҳиста-оҳиста ёғади ёмғир,
Оҳиста-оҳиста қўзғалар шамол.
Оҳиста-оҳиста тўкар юмшоқ нур
Булутлар бағридан кўринган ҳилол.

Оҳиста-оҳиста йиғлайди бир қиз,
Каптар патидан ҳам майин дардлари...
Тун тирик... Яхшилаб тинглаб кўрсангиз
Эшитилар унинг юрак зарблари...

Не нафис туғёнлар ичида қолдик!
Севгилим, гапирма, ўлтирган тиниб —
Гўё дунё гўдак қалбидан нозик,
Гўё энтиксанг ҳам кетади синиб...


* * *

Кўнглим қолгани йўқ ёруғ оламдан,
Хаёлимда йўқдир на виқор, на кин.
Барибир бир куни сиздан кетаман -
Қайга кетганимни билмайди ҳеч ким.

Мен ишга бораман, ишдан қайтаман,
Кўксимда юрагим урар - тинмайди.
Ўғлимга энг ширин сузлар айтаман,
Менинг йўқлигимни ҳеч ким билмайди.

Дўстлар даврасида гоҳ шароб ичиб,
Гоҳо оғу ичиб ўлтираман жим.
Кўчада кезаман одамлар кечиб -
Менинг йўқлигимни билмайди ҳеч ким.

Табассум қиламан таниш-билишга,
Дўконда навбатга тураман ҳорғин.
Ҳеч кимни қуймайди ортиқ ташвишга
Халақит бермайди менинг йўқлигим.

Менинг кўкрагимда ениб оқибат,
Кул булар, соврилар майда савдолар,
Унда қуёш каби ловуллаб фақат
Она Ўзбекистон сурати қолар.

Саволлар бермагин - азобдадир жон,
Яхшилаб яшасанг, умр бу - қийноқ.
Қайдан қайтишимни биламан аён,
Қайга боришимни билмайман бироқ.


* * *

Учолмасдан қолди жону тан,
Осмон қайда? Қарадим илкис...
Сочин ёйиб фалакда, шўх-шаън
Порлар қуёш — Барчиндай бир қиз.

Эшик олди бир парча чимзор,
Шу чимзорда ётдим чўзилиб.
Сочларимга шоду бахтиёр,
Чумолилар чиқди тизилиб.

Бир ниначи — сархушу довдир —
Жирканмасдан қўнди қўлимга...
Титроқ етди жонимга довур,
Ногоҳ ҳайрон боқдим ўлимга.

Ва эшитдим, ернинг тагида
Дупур-дупур — елиб келар от.
Мен — Алпомиш беҳол ётибман,
Шошиб келар Қоражон — Ҳаёт!


* * *

Кўксимни очаман, Чекинар ғафлат.
Карахтлик тўкилиб борар манглайдан...
Қайси муюлишда юрибсан йиғлаб —
Трамвай, мен сени англайман.

Бунчалар бешафқат бу қўш темир из,
Бу тақдир чангали — бераҳм, маҳкам.
Тақдирдош, қийналдик, ахир иккимиз,
Бу темир из билан, темир из билан...

Бу — бекат, дедилар. Тўхтадик ғингшиб,
Кетдик, бўл, дедилар. Югурдик ҳайрон.
Бугун темир ғафлат изидан тушдим,
Оёғим тупроққа — бир роҳатижон!

Аммо... Бу... Трамвай... Кетмас ўйимдан.
Кўчага боқаман. Қайда бечора?
Ана, трамвайлар осиб қўйилган
Совуқ симдорлардан ўт чиқиб борар.


МАМАМРАЙИМ БАХШИНИНГ БИР ДАВРАДА АЙТГАНИ

Кўпингиз ёмонмас, яхши боласиз,
Яшайсиз дўконни она деб билиб.
Бировнинг кўзига тикка боқмайсиз,
Пойига боқасиз зимдан тикилиб.

Пойафзал — ҳаммага қисмати азал.
Уларга тақдирлар ёзилган аниқ,
Кимнингдир умридан омад қочса сал,
Этиги албатта қолар қийшайиб.

Пулдорнинг оёғи мудом ярқирар,
Булутсиз умридан беғам нишона.
Унга дуч келганда айёр болалар,
Гирдида бўласиз дарров парвона.

Бахши бобонгизни билмайсиз аммо,
Бу айёр ўйинда сизларни ютдим!
Менга беролмайсиз ҳеч қандай баҳо —
Оёқяланг бўлиб дунёдан ўтдим...


* * *

Милтиқ нохос отади,
Акс-садо қилар нидо.
Бирдан
Бежон қотади
Кўкси тешилган ҳаво.

Милтиқ,
Ниқобингни еч!
Сен кимдан бўлдинг пайдо?..
Ўқни
Кечирмайман ҳеч!—
Ўпкамда қонли ҳаво.


САМАРҚАНД БЎЙЛАБ ТУНГИ САЙР

Хуршид Давронга

— Самарқанд, илдизинг қаерда?
Кечангни чироқлар парчалаб ташлаган,
тун билан нур ўртасида
узун арвоҳлар —
миноралар кетиб борар
келажак сари,
баъзан
ойга боқиб
тўхтаб қолишар
(азон саси урилдими қулоқларга?)
Зиналарингдан
чопонига ўралган
сўфи эмас,
мен ўрлаб бораяпман
фалак
пештоқига
ва ерга боқиб нотинч шивирламан:
— Самарқанд, илдизинг қаерда?

Мадор бўлгин энди умидларимга,
менинг тўрт минг йиллик боғим!
Бир япроғингман:
йўқотгим келмайди илдизларимни.
Ана, осмоннинг қурбони—шаҳид расадхона,
ана, тарихнинг кўмилган бешиги,— Афросиёб...
Неча аср бўлди ўшанга?
— Тупроқ, қани,
ёрил!
Самарқанд, илдизинг қаерда?

Юлдузлар орасида келажак йўли,
Замон поездини
қалбим,
ҳормай торт!
Ва битта вагонга
боболар руҳини,
қайғу аламини,
шавкат-шонини,
ушалмаган орзусини орт!

Бу кимлар?
Қайдаман?
Регистон, сенми?
Нечун сенга келсам,
кўксимни тулдирар жумлаи жаҳон?
Балки анов мовий гумбаз тагада ётган,
боболарим
армонининг
шамолидир бу?
Аммо овозлар чиқар замин қаъридан:
- Мен, - дейди (Спитамен, сенмисан?).
- Мен, - дейди (Улуғбек, сенми?),
- Биз, - дейди гувиллаб бир лашкар -
келажакка эргашиб келар
сарбадорлар!
- Самарқанд, илдизинг...
Савол ортиқча...
Теграмда мен билан уйланиб,
мен билан қийналиб,
илдизга айланиб борар бир кеча.


ВАТАН ҲАҚИДА ШЕЪР

Опа, эсингизда-ку,
("О, ҳануз оғрийди дил" )
Очлиқдан қорни шишган
Қирқ бешинчи машъум йил.
Етти ёшда эдингиз
Сизга эмасди пинҳон:
Уруш — ўлим, шодлик — хат,
Тириклик-ку, аниқ — нон.
Опа, эсингизда-ку,
Келганда жавзо ойи,
Сарғайиб думбул тортди
Болғалининг буғдойи.
Ювошгина қуш каби
Ҳаётнинг исин сезиб,
Дала кезар эдингиз,
Кафтингизда дон эзиб,
Сиз аниқ билардингиз,
Тирикликнинг исми — нон,
...Босиб кетди далани
От дупури ногаҳон.
Кафтингизга жонсарак
Яширдингиз бошоқни.
Э воҳ, ер шунча қаттиқ,
Осмон шунча узоқми?!
Қанотингиз бўлса ҳам.
Қайга учардингиз, хўш?
От келар, чавандознинг
Бир енги ҳилпирар — бўш...
Танидингиз бу — раис,
Ундан титрайди қишлоқ.
"Раис" деса жим ҳотар.
"Йиғлаётган" қўғирчоқ,
...Эслайсиз, магазинда,
Бўлган эди "ур-йиқит".
"Йўқ, яна қуясан", деб
Ҳайқирди бирқўл йигит.
У йиғлади гўдакдай...
"Шаҳид қолган дўстларнинг
Қасосини албатта,
Оламан", деб бўзлади.
Боқилган қўйдай семиз,
Магазинчи Шойимнинг
Ёқасига ёпишди: "Топдим, дея хоинни!"
Эртаси хотин-халаж
Йиғилди — умуммажлис.
Йигит ўриндан турди:
— Сайланглар, бўлай раис...
Сайлашса сайлашар-да,
Одам каму, раис мўл!
Майли, яраб қолади...—
Хотинлар кўтарди қўл.
Кейин раис ҳайқирди:
"Агар келгунча зафар,
Ким ўзини аяса,
Мана қамчи!.. Хотинлар!"
Ноннинг лаззатини-ку,
Тўлаб бўлмас қамчисиз...
Бошингизни қўл билан
Бекитиб чўкдингиз тил...
— Бу юрганинг нимаси,
Оёқяланг, бошяланг.
(Дон тўла кафтингизни
Сиқдингиз қўрқиб маҳкам)
— Қани, қўлингда нима?
(Қўрқув, даҳшат аралаш
Кафтигизни очдингиз —
Энди мумкин савалаш).
Кўзингиз ёшсиз эди,
Жиддий — тайёр хўрликка.
Ким ҳам раҳм қиларди
Сағир қолган шўрликка.
Ҳамма бутун таёқлар
Етим бошда синади...
Раис отидан тушиб
Бошингизни силади.
Ишонмасдан боқдингиз
Кўзларига умидвор.
Ҳайрат ичра қотдингиз...
У йиғларди шашқатор.
Йиғлар эди... Қизимни
Эзмасин деб чўнг қайғу
Тунда сассиз эзилган
Онангизга ўхшаб у.
Сиз ҳам зор йиғлаб бирдан
Осилдингиз бўйнига...
От ўйнатиб у кетди
Буғдойзорнинг қўйнидан.
Жавзо. Бир эрка шамол
Буғдойзорга урар тўш.
От елар. Чавандознинг
Бир енги ҳилпирар — бўш.
Опа, ўшандан буён
Ватан ҳақида суҳбат
Қўзғалса кириб келар
Кўзингизга бир сурат:
Жавзо. Бир эрка шамол
Буғдойзорга урар тўш.
От елар. Чавандознинг
Бир енги ҳилпирар — бўш..
Опа, Ватан — улуғ дард!
Опа, Ватан боғ бўлсин!
Шеърда суратин чизсам,
Тўрт мучаси соғ бўлсин!


БОЛАЛИКНИНГ СЎНГГИ КУНЛАРИ

У баҳорни кутди интизор,
Йулларига кўз тутди илҳақ.
Қуёш чиқса, эриб битса қор,
Туйиб-туйиб ўйнарди чиллак.

Келиб қолди баҳор ҳам мана,
Далаларга сочиб лолалар.
Тепаликда қувонч-тантана -
Чиллак уйнаб кетди болалар.

Кутиб олди уни ҳам шухлик.
Очганича кенг қучоғини,
Нимагадир шухлик ҳам қизиқ!
Босолмади дил чанқоғини.

Дўстларига боқди у ҳайрон,
Дўстлар чиллак уйнар берилиб,
Бола кунгли бўлганча вайрон.
Бир зумгина қолди термулиб.

Сўнгра сирли хаёлга чўмиб,
Чиқиб кетди дала томонга.
Лолаларга узини кумиб,
Узоқ-узоқ боқди осмонга.

Вой-бўй!.. Осмон бунчалар тиниқ!
Софлигига не булар қиёс?
Ўйлаб кетди, ўйлади... кизиқ
Қиз кузига ўхшаркан бир оз...

У кечгача қолди шу куйи,
Узун-узун хаёллар сурди.
Тепаликда бўлса кун бўйи,
Болалиги ҳайқириб турди.


БОЙЧЕЧАК

Опам Саидага

Эй, менинг мунисгинам,
Меҳрибоним, опажон.
Баланд тоғлар бағрида
Бормисан соғу омон?
Кеча хатингни олиб,
Кўксимга тушди гулу...
«Усмон, жуда соғиндим,
Сен мени унутдинг-ку...»
Опа, унутганим йўқ,
Қўй, қилмагин имтиҳон.
Муҳаббатим, ҳурматим,
Соғинчим қалбда ниҳон.
Қандай ёдимдан чиқсин
Тепаликлар, далалар...
Баҳор билан маст бўлиб,
Куйлардик биз болалар:
«Бойчечагим бойланди,
Бойчечагим бойланди...»
...Бугун оламда ёшлик,
Замин қанча айланди.
Йигирма уч гул фасли
Баргдай умримдан учди.
Не турфа ташвиш, юмуш,
Опа, бағримни қучди.
Шу шеърни битаётиб
Боққандим деразага,
Кўриб бир манзарани
Қалбим тушди ларзага.
Қувончимга қаердан
Ўхшатиш топайин мос!
Хуллас, опа, дарахтлар
Гулдан кийибди либос.
Яна ойдин хаёллар
Тўлдирдилар хонамни:
Ана, ҳовлимиз... сен... мен...
Қиш...Қор кўмган оламни,
Изғиринда жунжикиб
Ўлтирибмиз айвонда.
Оёғимизда этик,
Эскигина чопонда.
Қачон келади баҳор...
Неча кун, неча кундуз?!
... Бир кун узилиб тушар
Тарновга осилган муз.
Булут кўкда урар чарх,
Майсалар ниш отади.
Қуёш тансиқ нурини
Сочиб-сочиб ботади.
Опа-ука излаймиз
Дала-даштда бойчечак:
"Қор эриди, қўрқмагин,
Очил аста, ойчечак".
Охир кўрсатар юзин,
Бизни зор этган чечак,
Бахтини топган каби
Тошар, ҳовлиқар юрак.
Оқ ёмғирда бош яланг,
Рақс тушамиз, ўйнаймиз.
Камалакда кўмилиб,
Жаранглатиб куйлаймиз:
"Бойчечагим бойланди,
Бойчечагим бойланди..."
...Бугун олисда ёшлик,
Замин қанча айланди,
Тотиб қўрдим дунёнинг
Лаззатию, аламин.
Гоҳо ўксик, гоҳида
Шодмон ёзди қаламим.
Баъзан жим-жит, тинч оқдим,
Баъзан кўтардим исён —
Курашда ҳам, ғамда ҳам,
Байроғим бўлди виждон.
Гоҳ шеърда бўлдим мағлуб,
Гоҳ кулдим тантанавор!..
Қисқа қилиб айтайин —
Опа, уканг бахтиёр!
Аммо сокин бу ҳаёт,
Зериктиради баъзан.
Шунда, меҳрибонгинам,
Сени кўрмоқ истайман,
Опа, унутганим йўқ...
Қорлар эриб битган чоқ
Уйга кириб бораман,
Тугар ҳижрону фироқ.
Бир кунгина ўшанда
Қўйгин рўзғор ғамини,
Иккаламиз эртаси
Тўлдирамиз камини.
Дала-даштга чиқамиз
Излайдурмиз бойчечак.
Одамлар кулса-кулсин,
Бир кун бўламиз гўдак.
Оқ ёмғирда бошяланг.
Рақс тушамиз ўйнаймиз,
Камалакка кўмилиб
Кулиб-йиғлаб куйлаймиз!
"Бойчечагим бойланди,
Бойчечагим бойланди..."


ДАШТ ҲАҚИДА БАЛЛАДА

Эркин Аъзамовга бағишладим

Тоғлар кичирайди. Пасайди осмон.
Яшаб бўлмайди-ку, ахир энгашиб...
Жўнадим баландроқ осмонлар томон —
Ортимдан Бойсуннинг дашти эргашди...

Мени ишонмади уфқларга у,
Дош бериб тезликнинг шамолларига
Ортимдан югурди, югурди ёҳу,
Қоқилиб темир йўл шпалларига.

Вагонга чиқазиб қай бир бекатда.
Койидим:— Бу ишдан зарра йўқ маъни!..
У руҳсиз чўзилди тепа қаватга,
Билетсиз ва пулсиз йўловчи каби.

Сўнг шаҳар кўчаси, хиёбонлари
Аро кездим — жойлаб дилимга уни —
Одаму машина оломонлари
Топтаб кетишмасин куп-кундуз куни.

Давру даврон сурдим ҳар ҳафта кўчиб,
Ижара уйларнинг шавқи ёдимда!
Қаттиққўл хўжайин кўзидан чўчиб,
У беун яшади менинг ёнимда.

Муҳаббат ловуллаб кирди юракка,
Илк бора аламли сўзлар тингладим.
Юзларимни босиб хору хашакка,
Даштимни қучоқлаб тунлар йиғладим.

Баҳорда кўкариб, кузда сарғайиб,
Сукунату қорга ўраниб қишда,
Ғўра шеърларимга боқди мунғайиб...
Хуллас, содиқ бўлди ҳар эзгу ишда!

...Аммо, нима қилиб қўйди бу йиллар!
Гарчи мен, мунаққид айтгандай, "ўсдим"—
Ўртамизга кирди қай айёр жинлар,
Кўп хона уйимга сиғмайди дўстим.

Ялинаман унга:
— Бор, Бойсуйга бор!
Шаҳарга ярашмас саҳройи сўхтанг.
Борсанг — шамол тайёр, ёмғир ҳам тайёр,
Тоғлар орасида яшайсан кўркам.

Панду насиҳатлар бериб толаман,
Алдайман:
— Юр, кетдик ифор тергани...
Ҳар баҳор довдираб Бойсун бораман,
Бойсўнга даштини ташлаб келгани...

Қайтаман. Аммо дашт сезиб улгурар...
Дош бериб тезликнинг шамолларига,
Ортимдан ҳаллослаб, шошиб югурар,
Қоқилиб темир йўл шпалларига.

Уйимга гезариб кириб келаман,
Мени асра энди, инглизча қулф!
Шундоқ остонада дашт қолар гаранг,
Эшикка термулиб " уф" тортади... Уф!

Мана, тонг чоғида ишга кетаяпман.
Юрак, азобдасан — қандай дард эзар?
Жунжикиб, эгасиз ит каби ғамгин
Вокзал майдонида ёлғиз дашт кезар...


* * *

Қўшиқни унутдим. Гувиллар шамол.
Шеър эмас, ҳа, шамол қилмоқда нола.
Мен қанча ялиндим: "Қол, мен билан қол.
Мени ташлаб кетди қишлоқи бола.

Кўча совуқ эди. Ҳашамдор уйим
Мудрарди печакнинг илиқ тафтида.
Мсн стол устига даста пул қўйиб,
Салмоқлаб кўрардим уни кафтимда.

Шеър унут бўлганди, суронлар абас,
Кезарди қалбдамас, бошда бир режа:
Эрта ҳақиқатни қиламанда маст,
Юмшоқ бир мансабни оламан ўлжа.

Хушомад баҳосин олдим мен сезиб,
Ширин каломларни айладим расм —
Баланд пошнам билан виждонни эзиб,
Эрта фалончига қилурман таъзим.

Шоир юрагимга ханжар қададим,
(Етим шеър йиғласа бўлмас қиёмат)
Қадрим мурдасидан кеча ҳатладим,
Эртага дўстларга қилгум хиёнат.

Ҳавойи эртаклар кўксимдан учди,
Севги ташлаб кетди — қилмайман гина.
Гаражнинг қулфлоғлик зулматни қучиб,
Ҳовлида турибди зангор машина.

Аммо қайга кетди қишлоқи ўғлон?
У мағрур. Ҳеч кимдан сўрмас бошпана.
Совуқ кўчаларда оттиради тонг,
Таниш-билишни ҳам хуш кўрмас яна.

Барибир куяман. Ахир, у менман,
Ахир, вужудимда қолди фақат жон.
Жондир иссиқ уйга чўчиб чекинган,
Изғирин қаърига ҳайдалган виждон.

Мен — яшаш иқлимни ҳавосин олган
Олифта — унутдим қўшиқ ноласин.
Мени ташлаб кетди — қалбимда ёнган
Виждоним — ҳақиқат — қишлоқ боласи.

...Бир кун ташвишлардан толадурман бас.
Жоним вужудимдан бўлар ҳавола.
Эшикдан киради (Азроил эмас),
Кўзлари тип-тиниқ қишлоқи бола.

Агар у дунёси бўлса борурман,
Жаннат эшигини очмагай бироқ.
Жаҳаннам ўтида мангу ёнурман,
Бола — тангрим мангу қилади сўроқ.


* * *

Бойсун қирларида бир ўзим кездим,
Куз эди. Даралар туманни қучган.
Аввал эшитгандим. У маҳал сездим,
Менинг бир дўстимнинг чироғи ўчган.

Осмонга тикилдим хаёлим оғиб —
Бир парчаси булут, бир парчаси кўк.
Вақт деган шунча тез кетдими оқиб,
Менинг ёнимда ҳам энди биров йўқ.

Тошларга термилдим юрагим тўлиб,
Йўқ, улар дардини менга айтмайди.
Ҳатто ҳув газага бир лаҳза қўниб,
Ногоҳ учиб кетган қушлар қайтмайди.

Дўстим, қай қўшиқни айтмоқчи эдик?
Саволим тинглару, сесканмас замин...
Мен куйлай бошладим ногоҳ туриб тик
Ўзимнинг дардиму дўстимнинг гамин.

Елкамга оҳиста кафтин қўйди тун.
Ўйладим — куйламоқ тобора қийин...
Мен бугун куйладим иккимиз учун...
Эртага... индинга... Кейин-чи? Кейин...

Бойсун қирларида бир ўзим кездим...


ОНАМГА МАКТУБ

Эрта-индин елар изғирин,
Йиқилади боғларга туман.
Англагани яшашнинг сирин
Сузлашаман ёмғирлар билан.

Масту аласт, беғам дўсту ер.
Толиқтирар қалбимни маним.
Шунда бирдан бўлади ошкор
Ёлғизлардан ёлғиз эканим.

Деразага ҳўл батрин босиб,
Кузак туни сурганда хаёл -
Мен энг гўзал шеъримнн ёзиб,
Сизни эслаб йиғлашим аён.


БОЙСУН ҲАҚИДА ҒАМГИН БАЛЛАДА ЁКИ
ҚАЙТМАЙДИГАН ХОТИРАЛАР ҲАҚИДА ШЕЪР

Шукур акага

Сен бор эдинг. Мени кузатдинг.
— Болам, сингиб кетма шаҳарга,
Юрак билан кўксинг безадим,
Эслаб тургин олис сафарда.
Тилларимда эртак бўлдинг сен:

"Бор экан-да,
Йўқ экан.
Оч экан-да,
Тўқ экан.
Кўрдим,
Кездим, Бойсундай жой
Бу оламда йўқ экан".

Ҳайрон боқиб дўсту бегона,
Хаёлкаш деб кулдилар рўй-рост.
— Бойсун? Бундай жой йўқ, девона,
У тушингга кирибди, холос.

Бу ҳукмга бўлмасдан рози
Эртагимни куйладим такрор.
— Қулоғимда ҳамон овози,
Ишонинглар, дўстлар, Бойсун бор!

Юрагимга сиғмади соғинч.
Бўлмайин деб ҳижронда вайрон —
Энди куйлай бошладим нотинч:
— Бойсун! Бойсун! Бойсун! Бойсунжон...

Аста-аста, бир-бир этди ром,
Юракларни оҳанграбо куй.
Дедиларки: — Қани, ошнажон,
Бойсунингни бир кўрсатиб қўй.

— Қани кетдик!
Шаҳри шовқинзор
Бошингизни қўймиш гангитиб.
Ҳали кўрасизлар, Бойсун бор!-
Пешвоз чиқар меҳр анқитиб.

Йуллар юрдик, тоғлардан ошдик.
- Бойсун қани? Бойсун қаерда?
- Бир кун қалбим севишдан тошди,
Мен етгандим туғилган ерга.

Дўстлар мени айлашар табрик.
Мен турибман беун, бағрим хун.
Оғайнилар, қаерга келдик.
Кетиб қоптн Бойсундан Бойсун...

Мен Бойсунни излайман ҳамон,
Баъзан пинҳон йиғлайман шеърга.
Қаерларга кетдинг, Бойсунжон,
Бизнинг Бойсун қани, қаерда?


* * *

Майсалар, товоним, сизни соғинар,.
Тоғлар, виқорингиз қалбимда мангу.
Қайдадир қўзичоқ бўзлар, оҳ урар,
Қирларда адашган соғинчимми у?

Қорлар эриб оқди бу ғамли фурсат.
Бу фурсат эриди тоғларнинг тоши.
Юрак, раҳминг келсин, тўғри йўл кўрсат,
Мен қандай Бойсўнга кетай қоришиб?

Ака, сочингизга оралабди оқ.
Опа, сарғайибсиз — фарзанднинг доғи.
Она, қучоқлайсиз бунчалар узоқ...
Йиғлайман — сабримнинг бор-ку адоғи.

Юрган йўлим тўфон бу ғамли фурсат...
Қатъият кўз ёшдай оққан маҳали,
Юрак, раҳминг келсин, тўғри йўл кўрсат,
Мен қандай Бойсундан кетай ажралиб?


* * *

Баланд-баланд дарахтларнинг учи фалакда,
Бир ҳайратки, мусаффо, пок, кезар юракда.
Кичкинаман — руҳим, қалбим қаршингда карахт,
Бир озгина бўйинг калта бўлса-чи, дарахт!

...У пайтда мен шабнам эдим, мен лола эдим,
Миттигина, ялангоёқ бир бола эдим.

Баланд-баланд дарахтларим, чўқиб қолибсиз,
Ҳеч бўлмаса сизни кўрай девдим қолипсиз.
Юрагимда на ҳавас бор, на-да бир ҳайрат,
Фалак сари бўйингни чўз, дарахт, бир фурсат!

...Ҳар бир дардни ўлчаб кесиб шу юришимда,
Баланд-баланд дарахт ҳар кун кирар тушимга.


ОТЕЛЛО

Мен севаман Дездемонани,
Кипригига қўндирмайман гард.
Чорлашмоқда саҳнага мени...
Ҳозир уни ўлдиришйм шарт.

Тинч саодат кезар қонимда,
Муҳаббатга кўмилган борлиқ.
Рўмолча ҳам мана ёнимда,
Қилмаганман ҳеч кимга тортиқ.

Аммо залда гулдирар қарсак,
Ҳар тўлқини қалбда бир рахна.
Хазон бўлар гуллаган юрак —
Хазонлигим кўрмоқчи саҳна.

Қарсак чалар кафти қизариб,
Ҳаяжондан сакрайди жувон.
У, билмайман, нени ахтариб,
Учта эрдан кечган батамом.

Қарсак чалар мункайган кампир,
Қарсак чалар ориқ-семизлар...
...Яго, қани, ғийбатдан гапир,
Ғазаб билан бужмайсин юзлар.

...Мен саҳнага чиқиб келаман,
Дездемона ухлайди маъсум.
Дездемона, сени севаман!
Кел, ношуд зал истаги учун —

"Қордай оппоқ, мармардай тиниқ"
Вужудингга солайин човут.
Зал даҳшатдан тушсин силкиниб.
Зал қалқисин мисоли тобут!

Не азоб бу? Беш аср бўлди,
Бўзлаб сени бўғаман ҳар тун —
Қўрқоқларнинг ожиз рашкию,
Бевафолар қилмиши учун!


БРУТ

Падаримни Помпей ўлдирди.
Кўксимда ўч турса-да музлаб,
Ватанимни суйгани учун,
Мен Помпейга қиламан хизмат.

Цезар, Ватан ўйнашинг эмас,
Цезар, Ватан онадир фақат.
Волидани эъзозламоқ фарз,
Аммо хўрлаш оғир қабоқат.

Сени оқлаш мумкин эмас, йўқ!
Цезар, мудҳиш гуноҳинг шулким,
Дўст-ёрларинг эл кўзига чўғ
Босишганда қараб турдинг жим.

Мен — Ҳақиқат эдим — бир четда,
Титрар эди навқирон таним.
(— Молу дунё керакмас, сенга
Хизмат қилмоқ керак, Ватаним!)

Буюк эдинг, Цезар, сен буюк!
Мен қаршингдан чиққанимда даст,
Кутиб олдинг барибир суйиб,
Сездинг — ҳақни ўлдириб бўлмас...

Менинг эса сирли енгимда
Амрим кутар покиза ханжар.
Сен сенатнинг кўзи ўнгида.
Залга кириб келарсан, Цезар.

Туйиб эркнинг қучоқларини,
Сокин ўтда ёнар кўзларим.
Яланғочлаб яроғларини.
Атрофингни ўрар дўстларим.

Капитолий узра чақнайди
Қўлимдаги пўлат бу ханжар!
Мард кўзларинг мени пайқайди...
Буюк эдинг, Цезар, нақадар!—

Ўзинг зарбга кўксинг тутдинг жим
Ҳамда сездинг сўнг бор тўлгониб,
Ҳақиқатни енголмас ҳеч ким —
У барибир келади ғолиб!


ГЛАДИАТОР

Бу аёлга хуш ёқмайди қон,
Чўзганича титраган қўлин,
Шивирлайди беҳушу бежон:
— Ўлим...ўлим...Мағлубга ўлим...

Менинг бекам эди бу аёл,
Аммо бекалиги ўзига!
"Севаман" деб боқдим бемалол
Кўзига, кўзига, кўзига!

Қамчи билан урди у мени,
Бироқ ўжар лабим тинмади.
У қаршимда бошини эгиб
Йиғлади, йиғлади, йиғлади!

Хўжайиним — семиз сенатор -
Рашкими, йўқ, келибми ғаши,
Қаҳ-қаҳ уриб кулди:
— Театр!
Жангга, хотинимнинг ўйнаши!

Мен мағлубман. Синди ҳаётим.
Ўлдирмоқлик рақибнинг бурчи...
Тушларимда мен у аёлни
Озодликдан қаттиқроқ қучдим!

Сен нимани кўрибсан, эй, Рим?—
Дабдабаю, жанглар, қурбонлар...
Мен-чи, анов аёл-ла сурдим,
Тушларимда не-нё давронлар!

Мен ўламан. Сен-чи, кетасан
Сенатга, ё қургани базм.
Сен маст-аласт ухлаб ўтасан,
Унутгансан туш кўришни, Рим.

— Ўлим!— аёл силкитар қўлин —
У ҳам сенинг бир қўрқоқ наслинг.
Рим, қурбоннинг кўзига қараб,
Алдамоқни қилгансан расим.

Мен ўламан. Мени кўммайсан.
Ем бўлади итларга таним.
Сен одамни итча кўрмайсан,
Сенга нима инсоннинг шаъни!

Мен ўламан. Шоиринг ўқир -
Хос мажлисга ғофил шеърини.
Эркакларинг ёлғон ваъз тўқир,
Хотинларинг алдар эрини...

Қандай ўлар гладиатор?—
Сўнг онамни айтмоқ ҳам бурчим...
Ўларимда мен у аёлни
Ҳаётимдан қаттиқроқ қучдим!


СУФЛЕР МОНОЛОГИ

Сен буюк актёрсан. Бесарҳад. Улкан.
Жумла жаҳонни забт этмоғинг мумкин.
Зал кулди, йиғлади маҳоратингдан,
Мен ҳам бурчагимда йиғладим, кулдим.

Кўкка ракеталар учирдинг — учди,
Кимнидир севмадинг — у топди завол.
Ҳар битта сўзингда сен зафар қучдинг,
Ҳар бир ҳаракатинг — мужассам камол.

...Мана, саҳна узра бир мовий фалак.
Бир дала. Битта сен. Бир навниҳол қиз.
Унга "севаман", деб айтишинг керак,
Сўнг томоша тугар. Зал чўкади тиз.

Ёғдулар ёққанча юзу кўзингдан,
Қизнинг қўлларини қалтираб тутдинг,
Ҳозир сен кечасан тамом ўзингдан...
Нима гап? Айтсанг-чи? Наҳот унутдинг?!

Одамлар қарсакка чоғлар кафтларин.
Мен борман — ўзингни тутавер эркин.
Жонсарак такрорлар фақат лабларим:
"Севаман" десанг-чи, "севаман" дегин!

Кўзларинг иложсиз жавдирар, қотар,
Пойингда саҳнамас, чўкаётган кема.
Лабим автоматдай тўхтовсиз отар:
"Севаман, севаман, севаман, сева..."

Саҳнадош артистнинг ранги оқарди,
Ўнинчи бор айтар: "Ғамгинсиз, эркам?"
Мен-чи сабот билан шивирлаяпман,
Унут бўлган онанг овози билан...

Сен жимсан. Ахир, мен кетдим-ку тўлиб,
Ахир, суюклисан, азизсан жондай...
Энди ҳайқираман мен бўрон бўлиб,
Ўзбекнинг тилида Ўзбекистондай.

"Севаман" десанг-чи, "севаман" дегин!...
Зал ҳам жўр бўлади: "Севаман де, айт!"
Сендан сўраяпти — мен аниқ сездим —
Биттагина сўзни зал мана шу пайт.

Қандай кар бандасан! Чидай олмайман,
Кўксимни ёргудай юракнинг зарби.
"Севаман" десанг-чи..." Ҳўнграб йиғлайман —
Эгасиз мозийнинг арвоҳи каби.

Йўқ, яшаб бўлмайди бир четдан қараб...
Саҳнага отилиб чиқиб келаман.
Худди келажакдай қиламан талаб:
"Севаман" десанг-чи, ахир, "Севаман!.."

Кўзингга боқаман тўлғаниб, ёниб,
Мени сескантирар бир нигоҳ — мурда.
Ишдан ҳайдалишни бўйнимга олиб,
Залга яқин келиб айтаман шунда.

— Севаман!
Чақмоқми кетар ярқираб,
Ёнгани чиқурман унинг йўлига.
Сен ҳамон турибсан титраб, қалтираб,
Мен туғдай қалқийман халқнинг қўлида.

Халқим! Хижолатдан ловиллар юзим.
Мен бир хизматкорман сенинг қошингда:
Бу нима қилганинг — юраман ўзим,
Ўзим кўтараман сени бошимга.


БАЛЛАДА

Кўксим бийдай саҳро,
Бўм-бўш шаҳар аро
Юпқагина қоронғилик тўкилиб аста,
Чироқларнинг нури шоён порлаганида,
Эндигина музлаётган қорларни босиб,
Театрга танҳо ўзим ғамгин жўнадим.

Ҳар нарсани истамасдим, фақат севаман,
Тўлиб-тошган севгисига ололмай жавоб,
Кўз ёш тўкиб, яраланган ваҳший йўлбарсдек
Саҳна узра чарх урганда шўрлик Медея,
Ҳамдард йиғи томоғида туриб кўндаланг?
Қафасини ногоҳ сезиб қолган қуш каби
Кўкрагимда юрагимнинг потирлашини.

Ҳар нарсани истмасдим...
Девона тақдир,
Куйганингми, суйганингми — нима қилганинг?
Қизил, яшил нурлар аро тонгдай оқариб,
Оқ кўйлакда оққуш каби ўтди бир малак...

Бирдан (яна "бирдан" дейман, мени кечиринг,
Туйғуларнинг энг буюги туғилган ногоҳ,
Ўлчаб-кесиб ўтирмоққа фурсат топилмас)...
Хуллас, бирдан оёқлари ердан узилди,
Ўтли юлдуз тафтларидан қизарди юзим.

Сенмисан бу, кимлардир "севдим" деганда,
Ўртамизда соя солган дилдаги ғашлик;
Ўзим билан ўзим ночор қолганда танҳо,
Изғиринли кечаларда музлаган юрак
Эриб-юмшаб, борлигини айлаганда фош,
Кўз олдимда ғира-шира кўринган хаёл!

Кечира қол,
Бахтиқаро Медея, кечир!
Бошқа сафар йиғлайдурман сенга қўшилиб,
Аммо ҳозир мен шунчалар бахтиёрманки,
Агар сенга қувончимни тушунтиролсам,
Ўлаётган ишқ азасин бир дам унутиб,
Лабларингда ханда ўйнаб қолса ажабмас.
Ана, қара, фарёд чексанг — лабини тишлаб,
Ўриндиқнинг суянчиғин тутганча маҳкам,
Кўз ёшини артмоқни ҳам унутиб қўйиб,
Ўлтирибди эртаккинам, менинг маликам!
Ҳозир шундай даст турсаму ёнига бориб,
Кўзларига термулсаму дарёдай оқсам.
Чўчиб тушиб, сўнг жилмайиб, сўнг ҳайрон қолиб,
Ишонинг, у "сиз ўшами?" деб қолар тайин.

Бироқ... Парда!
Чироқ ёнар... Гулдурак қарсак...
У саҳнага гуллар отиб ўқийди таҳсин.
У ҳаммадан Медеяни кўпроқ олқишлар,
У ҳаммадан кейин чиқар кўчага ёлғиз.
У кетади...
Кулмангизлар менинг ҳолимдан!
Еримиз-ку кичик нарса, мўъжазгина шар —
Галактика аталмиш бу юддузга тўла
Коинотдан нарида ҳам бўлса диёри —
Мен барибир, у гўзални топиб бораман,
"Мен ўшаман" деган бир жуфт сўзни айтгани.


* * *

Бу жой театрмас. Бу жой ишхона,
Аммо фожиага мос эрур таъби.
Соат ўн. Эшикдан кирар замона,
Уни қарши олар Ҳамлет асабий.

Лаблари пичирлар - ичмоқда қасам,
«Прима» бурқсийди бармоқларида.
Клавдий ўтади ёнидан бардам,
У мағрур - шоҳликнинг сиртмоқларида.

«Чекиш мумкин эмас» - деворда эълон,
Қайдадир телефон жиринглай бошлар.
Кафтин манглайига босиб, бекалом -
Гўзал Офелия кузини ёшлар.

- Пенсия керакмас! Сузимдан қайтдим,
Қизларда тартиб йўқ. Урнимда қолдир!
Кимгадир ғазабнок сузларни айтиб,
Лифтдан чиқиб келар оқсоч қирол Лир

Қарсаклар янграйди... Генерал қайтар!
Теграсида содиқ мулозимлари,
Мусобақадамас, ютгандай жангда,
Виқор-ла келади байроқ кутариб.

Дездемона уни табриклар босиқ, -
Ғолиб генералга олий тортиқ шу.
Яго югуради қучоғин ёзиб.
Ҳозир рўмолчани топиб олди у.

Бу жой театрмас. Бу жой ишхона,
Бунда шоҳ асарлар қайта ёзилар.
Ёзилар бир рақам, ё сўз баҳона.
Қоғозмас, қалбларга абад босилар.

Ишхона - тўрт қават бетон иморат -
Элсинор қалъаси билан эгиздир.
Соат ун бир ярим... Ғамгин аланглаб,
Кечикиб келмоқда ишга Шекспир...


* * *

Сен йўқ эдинг. Бесарҳад фазо,
Олти қитъа, тўрт баҳри улкан
Ўртасида яшадим танҳо
Муштдай мўъжаз юрагим билан.

Ҳаяжону завқдан бегона,
Тинч дарёдай жим оқди умрим.
У замонлар сен бир афсона,
У пайт ҳали йўқ эдинг, қумрим.

Ваҳимали, чеки йўқ олам,
Бағрида ҳар шарпадан чўчиб
Яшадим мен — энг митти одам,
Гоҳ милтираб, гоҳида ўчиб.

Сўнг сен келдинг севиб, ўртаниб,
Паноҳимга, меҳримга муштоҳ.
Ёнингдаман, қўрқма, севгилим,
Мен наҳадар қудратлиман, боқ!

Сеҳргарман, кўк шевасида
Юлдузлар-ла сўйлай оламан.
Маст эрурман ишқ кемасида,
Тўфонларда ўйнай оламан.

Мен сахийман — ким истаса бахт
Кўксин нурга тўлдирадурман.
Ойни кўкдан узиб олиб даст
Пешонангга қўндирадурман.

...Гулим, совуқ боқма, қўрқаман,
Қўрқаман боз бўлади пайдо —
Олти қитъа, тўрт баҳри улкан,
Ҳувиллаган даҳшатли фазо...


* * *

Кафечалар, ночор кулгулар,
Трамвайлар шовқини аро —
Ваъда этиб менга ёғдулар,
Юрагимда сен бўлдинг пайдо.

Портлай деди ногаҳон кўксим,
Кўзларимга урилди қуёш.
Сен недандир оғриниб, ўксиб,
Ўлтирардинг кўтаролмай бош.

Сезмас эдинг қўлингдан китоб,
Тушганини ерга сирғаниб.
Қиёфангда тансиқ, бехитоб
Танҳо чирой турарди ёниб.

Қўлларингни ушлагим келди,
Дедим: қайтди умрим баҳори.
Томирда қон югурди, елди,
Боқсам — теграм сўнгсиз, зангори.

Шундан буён қаршимда олам
Чарх уради гуллаб, кўкариб.
...Қани ҳар кун қўлингга берсам,
Китобингни ердан кўтариб.


МУҲАББАТНИНГ ТАБИАТИ

Тунлар оромидан ачинмай кечдим.
Кўнглимни сен билан этдим мунаввар.
Сонсиз чигалликка урилдим, ечдим.
Англадим: сен менга қисмат муқаррар.

Ўзимни минг марта қатл айладим,
Минг марта ўзимга ҳадя этдим жон.
Совуқ бир тош эдим, қўшиқ бошладим...
Айт, яна нимани айлайин қурбон?

Гулларга бурканган баданин очиб,
Кўзимга термулар бир малак — Ҳаёт!
Унинг оғушидан мен кетдим қочиб,
Сен — гўзал шеъримни айлагани ёд.

Мени хароб этди бетўхтов ғулу,
Чорасиз ҳижроннинг гапига кўндим.
Олис-олислардан учиб келдию
Қўлларинг оҳиста кифтимга қўнди...


* * *

Сир кўп олам қаърида,
Мўъжизага кон олам,
Бу ҳаётнинг бағрида
Мўъжизадирман мен ҳам...
Қайтмайдирман ортимга,
Бир отилган ўқдирман.
Бу кун борман оламда,
Эрта бўлса йўқдирман.
Қани, мени сева қол,
Қучоқла, ширин сўз айт,
Мен меҳрга бирам зор —
Ташна эрурман шу пайт.
Мўъжизалар изламоқ.
Тегди сенинг жонингга.
Қаёққа қараяпсан,
Мен — мўъжиза ёнингда.
Умид, илтижо билан
Сенга чўзилган қўлим.
Ахир, қара мен томон
Кўзин олайтар ўлим.
Ана, учиб ўтди ўқ,
Қайдадир тўкилди қон.
Уша ўқ кимгадирмас,
Менга тегса не гумон?
Агар тасодиф бўлиб,
Анов шофёрнинг қўли,
Озгина қалтираса,
Оламда йўқман, гулим...
Мен бир шуҳратсиз шоир,
Лаҳзада бўлгум унут,
Қани, мени сева қол,
Қучоқла бағрингга ют!..
Сир кўп одам қаърида,
Мўъжизага кон олам,
Сен билмайсан... Билмайсан,
Мўъжизадирман мен ҳам!


* * *

Умримни бир олис ишққа алмашдим.
Қочдим ҳушёрликдан, тушга алмашдим.
Беқанот, қалбимни қушга алмашдим —

Сизсиз ўтган умрим бекор, ёрижон!
Не бахтким, юрагим бемор, ёрижон!

Ул кўзда қай куни порлади зиё,
Дунёдан кечгулик топдим бир дунё.
Бу дунё нимадур? Бу дунё — рўё —

Фақат пок ишқингиз ҳақдир, ёрижон,
Қалбимга энг юксак тахтдир, ёрижон.

Гарчи ўртамизда соғинчу ҳижрон,
Гарчи висол йўли вайрондир, вайрон,
Аммо азобингиз кўксимда ҳар он —

Муқаддас оловдай қолди, ёрижон,
Шукурким, сиз билан ёндим, ёрижон,

Яшардим ўзимга муз каби боқиб,
Ишқ келди, жўнадим, дарёдай оқиб,
Менга ҳабиб бўлди ҳатто шум рақиб —

Кўриб; — тўлқин-тўлқин қоним, ёрижон,
Сиз менинг жонимсиз, жоним, ёрижон.

Ҳеч қачон демасман бошни йўқотдим,
Эридим, вужуддан тошни йўқотдим.
Йилларни йўқотдим — ёшни йўқотдим,

Мендан айро тушди ёлғон, ёрижон.
Шунданми тилларим равон, ёрижон.

Нодон дер "Сен борни йўққа алмашдинг,
Қуёшни бир ғариб чўққа алмашдинг..."
Куламан: "Халқобни кўкка алмашдим..."

Энди юрар йўлим фалак, ёрижон,
Қанотга айланди юрак, ёрижон!
Қанотга айланди юрак, ёрижон!


* * *

Деразадан боқар соҳибжамол ой,
Нигоҳлари тўла карашма, чирой.
Кечиргин, бўлибман ойга маҳлиё.
Ишон, энди унга қилмайман парво.

Ойнинг сочларини майли, ўрмайман,
Мен сени ойларга бермайман.

Сулув келинчакдек безанмиш баҳор.
Далалар ҳам гулзор, боғлар ҳам гулзор.
Гулларга боққандим, кулиб, очилиб,
Ёшларинг кетдилар нурдай сочилиб.

Баҳор гулларини майли, термайман,
Мен сени гулларга бермайман.

Шеър чорлар, бир лаҳза асир бўламан.
Ёнаман, куяман, тошиб-тўламан.
Сен-чи, унут бўлиб ғариб бурчакда
Турибсан...Ғам тоши чўкар юракка...

Илҳом билан, майли, суҳбат қурмайман,
Мен сени ҳеч кимга бермайман...

Қанча ширин дамдан кечмоғим мумкин,
Фақат сен ўйнагин, қувонгин, кулгин.
Сен менинг тақдирим, охир азалим,
Сен менинг баҳорим, ойим, ғазалим.

Қалбимсан! Мен қалбсиз сира юрмайман,
Қалбимни ҳеч кимга бермайман"...
Мен сени ҳеч кимга бермайман...


* * *

Азизим, деворда чиқиллар соат,
Куну тунни бўлдик йигирма тўртга.
Соат буйруғига қилиб итоат,
Ўзимни ташлайман тафти йўқ ўтга.
Саҳар — одамлардан югуриб, ўзиб,
Ишхонага қадар қўяман пойга.
Кундуз — ўлтираман ўйларим тўзиб,
Ўзим столдаю хаёлим ойда.
Кундуз — латифалар айтаман йиғлаб,
Қалам қитирлатиб сураман хаёл.
Ўйлайман: кимдандир сафсата тинглаб,
Мени унутмоқда мен севган аёл.
Оқшом — хиёбонда шеър кезади маст,
Оқшом. Мени кўриб силкитасан қўл...
— Дўстгинам, музладим, эритган бирпас...
Дўстгинам, ўлгунча ёнгинамда бўл!
Бесабр панжалар бир-бирин излар,
Кўзларинг ўқийди вафодан достон.
Оқарар, бўзарар, ловуллар юзлар,
Фалак замин бўлар, ер бўлар осмон...
— Азизим, ярим тун. Изладим қотдим,
Оловдан бермагин бефойда дарслар.
Мсн қалбим оловни мангу йўқотдим,
Теграмда қуллар, ё мансабпарастлар.
Хайр, кўришгунча, хайр дилбандим.
Ёлғиз сўзлагайсан севгингни ойга.
Ухламоғим керак... Вужудим маним —
Тонгда кўчаларда қилгуси пойга...


* * *

Рашк, ғийбатнинг тўлқинларида
Кема мисол чайқалди хонам.
Энди бизлар ҳеч учрашмаймиз...
Хайр!

Тонг отади,
Сен йўқ.
Кун ботади,
Сен йўқ.

Столимда сен ёзган хатлар,
Девордаги суратдан ҳам сен
Меҳр билан боқиб турибсан.
Деразадан кўринган осмон
Парчасига шодмон боқардик,
Юлдузлари кулганида ҳам,
Ол шафаққа тўлганида ҳам...
Хонам, ўзим, бу улкан олам
Сендан қолган ғамгин хотира.

Тонг отади,
Сен йўқ.
Кун ботади,
Сен йўқ.

Узоқларда бепоён йўлда
Йиғлаб кетиб бормоқдасан сен,
Оёқларинг тагидаги ер
Тўлқин отар монанди денгиз.
Оқ чорлоғим, учиб чарчадинг —
Йиқиласан дақиқадан сўнг,
Йиқиласан, тўлқинлар ютар....

Тонг отади,
Сен йўқ.
Кун ботади,
Сен йўқ.

Чидаб бўлмайди.

Энди мендан кетди ихтиёр!
Юрагамни қўйиб кафтимга
Шивирлайман бесабр, такрор:
Қибланамом, йўл кўрсат менга!


ШУБҲА

Йўқ, бу шеър шубҳа ҳақида эмас!
Аслида шубҳа деган нарса йўқ.
Ярадор ишончлар бор,
Мажруҳ ишончлар бор...
Мен сенинг лабларингдан
Ўпмоқдан қўрқмайман,
Аммо қўрқаманки, бу лаблардан ўзгалар
Ўпмаганмикин, деб.
Сен мен учун кўнгил эрмага эмас,
Сен менинг фожеам, сен менинг бахтим,
Сен менинг қоғозга тушмаган шеърим.
Талпиниб яшайман шу гўзал шеърга.
Ўйлаган, жонганам, менинг нимам бор,
Нима менга азиз шеърим ва сендан?
Аслида шеър-ку, бу қулларимдадир:
Шу юрак бераркан томиримга қон,
Хиёнат қилмасман шеърим ҳеч қачон!
Аммо сен бошқача... Сендан қўрқаман...
Онанг ато этмиш сенга бир ҳусн,
Эҳ, кимлар йўлингга қўймаслар тузоқ!
Сен кулиб қувониб бир кимса билан
Қуюқ суҳбат қилсанг кўчаю кўйда,
Ялиниб-ёлвораман йўқ худоларга:
- Худоё, шу йигит булсин бепарво,
Сен ҳам хайрлашгин тезроқ, жонгинам...
Аммо бекор кетур тиловатларим!
Сен кулаверасан, у-чи, гапирар,
Бу шайтон бўлмаса бунчалар гапдон!
Юрагимда бўлса қонларга ботиб
Тўлғанур, ингранур ярадор ишонч.
Йўқ, бу шеър шубҳа ҳақида эмас,
Шубҳа ожиз туйғу, арзимас тўфон...

Тушун, Ер шарида осилнб турибман!
Шеърни маҳкам тутиб бир қўлим билан,
Бири билан сени маҳкам қучоқлаб,
Аммо бугун қалбда ярадор ишонч,
Ситилиб кетяпсан қўлларимдан сен.
Сенсиз ҳам яшамоқ балки мумкиндир...
Шеъримга ҳассадек суяниб олиб,
Сени тафтинг қолган қўлларим билан
Бўшлиқларни кўр каби пайпаслаб, силаб...

Тушун, Ер шарида осилиб турибман!
Қанча ёпишмайин ҳаётга, шеърга,
Сен мени ташлама, қучоғимда тур,
Ҳаётнинг бўйнига чирмашиб кетсин,
Иккала қўлим ҳам чирмовуқ мисол!
Йўқ, бу шеър шубҳа ҳақида эмас...
Яхшиси кела қол, мени сева қол,
Севгингни қолдирмай заррасигача,
Қувончи, ишончи, ҳайрати билан
Менга топшира қол, менга берақол,
Тушун, Ер шарида осилиб турибман...


АЛАМЛИ ҚЎШИҚ

Ўзгани севсанг, севгин,
Мен ҳам сенга зормасман!
Кел, ёнимга, кела қол деб
Чорласанг ҳам бормасман!

Ўзи сени нега севдим?
Бунча бўлмасам ожиз.
Гўзалмассан, сен шунчаки
Найранг-макри кўпроқ қиз.

Ростин айтсам арзимайсан,
На шеърим, на севгимга.
Мен баландман! Қўлинг етмас!
Кетавергин тенгинг-ла...

Нима дединг! Асло, ҳеч ҳам
Кўзимдаги ёш эмас.
Ёш бўлса ҳам сенинг учун
Тўкмаяпман...
Бўлди... Бас...

Кетгин энди. Севмайман-ку,
Мени қолдиргин ёлғиз!
Тугаяпти сабрим... Тағин —
Оёғингга чўкмай тиз...


ГРАФИКА

Кўзинг қаро сенинг, қошларинг қаро,
Юзларинг оқ сенинг, кулишларинг оқ.
Қўлингдаги таъна тошларинг қаро,
Менга ғамгин боқиб туришларинг оқ.

Унутишинг — қаро, ҳижронинг қаро,
Соғинчинг оппоқдир, хатларинг — оппоқ.
Қародир юрганинг ўч-меҳр аро,
Менга ташлаб кетган дардларинг — оппоқ.

Шомми, ё саҳарми — вақтимдир қаро,
Сен деб тўкаётган ёшларим оппоқ.
Сенинг ҳам, менинг ҳам бахтимдир қаро,
Ўттиз тўрт ёшингда сочларинг оппоқ.

Ишон, юрак оқдир, қародир тақдир,
Оқ-қора бўёқлар бизнинг боғларда...
Мен милён бўёқни билардим, ахир,
Иккимиз бахтиёр бўлган чоғларда.


СЎНГГИ УЧРАШУВ

Аввал ҳайрон қолдинг, қувондинг, кулдинг,
Жим қотдинг. Кўзингга ёш олдинг бирдан.
Сўнг бегонадай менга термулдинг,
Йиғи нуқси урган нигоҳинг билан.

Хавотир ичинда дединг: "Мен кетдим..."
Тўхтадинг. Хўрсиндинг. Жўнадинг шитоб.
Кузги чорбоғ аро йўқолдинг, йитдинг,
Атлас либосларга беланган сароб.

Аввал ҳайрон қолдим. Бепарво кулдим.
Жим қотдим. Гўдакдай йиғладим бирдан.
Сўнгра бегонадай кўкка термулдим —
Мен ҳануз фалакка бегонадайман...


* * *

Эринг ғазабланди, сен-чи, йиғладинг,
Ҳамма нарса бўлди охири аён.
Таъналарни йиғлаб маъюс тингладинг,
Йиғлаб юрагингни айладинг баён.

Сен дединг: "Мен сизни ҳеч севмаганман,
Нетайки, тақдирга бўлдим ўйинчоқ".
Қўлларни мушт қилиб, хўрсиниб дам-бадам,
Эринг сигаретни тутатди узоқ.

У деди: "Биламан, сенга ҳам қийин,
Аммо, бўлмайди-ку, бундай яшамоқ.
Кетсанг, кета қолгин... Яхшилаб кийин,
Шамоллаб қолмагин, қор ёғмоқда, боқ!.."

Номаълум бир йўлга сени кузатиб,
"Қарс" этиб ёпилди қадрдон эшик.
"Қаёққа бораман?.." ғамларга ботиб,
Узоқ туриб қолдинг остонада тик.

Севгилим! Ўйланма, кел, интизорман,
Келгин, ғуссанг билан тўлган уйимга.
Ҳали ҳам севгингга содиқман, ёрман,
Шодлик бўлиб қўшил ғамгин куйимга.

Сен жоним, хонамда бўлганда пайдо,
Совуқдан қизарган юзларинг яшнаб,
Ростдан ҳам сенми деб, хаёлми, деб ё,
Ишонмай қўлингни кўрурман ушлаб.

Қўрқмагин, саволлар бермасман, эркам,
Хафа ҳам қилмасман таъналар айтиб.
Гўё ҳозиргина чиқиб уйимдан
Келгандайсан кўча сайридан қайтиб.

Аммо, сен келмассан, йўқотган шеърим,
Ҳамон турибдирсан остонада тик.
Кутасан: "Қайтгин", деб айтади эринг,
Яна очилади ёпилган эшик.


* * *

Ўша — мени ҳеч ким соғинмаган шом
Авто бекатида ҳайрона турдим.
Бошимни кўтариб боқдим бир замон.
Қаршимда бир йигит, бир қизни кўрдим,

Йигитнинг палтоси... Йўқ, ёдимда йўқ...
Аниқ, кўм-кўк эди қизнинг палтоси.
Белларини қучган белбоғи ҳам кўк.
Ҳатто кўм-кўк эди тўртта тугмаси...

Йигитнинг кўзлари... Эслай олмайман...
Ошкор жаранглатиб пинҳон ўйини,
Қизнинг кўзларида ёқарди гулхан.
Эркалик ва ишқнинг маъсум қуюни…

Йигитнинг юзида билмайман, нима...
Аммо қизнинг юзи қаршимда аён:
Уни кўмган эди гулгун шафаққа
Муҳаббат — энг мовий покиза осмон...

Қор бўлса ёғарди, қизнинг бошидан
Кумуш тангаларни аямай сочиб,
Шамол титар эди — кўзи, қошига
Манглайига тушган бир тутам сочин.

Йигит... Йигит билан қанча ишим бор!
Аммо қиз йигитни шундай суярди —
Ки, гоҳ термуларди ҳазин, беозор,
Гоҳо қўлларини ушлаб қўярди.

Тошкентдай шаҳарда, балки дунёда
Ягона — ҳаммадан гўзал эди қиз.
Чиқмаса ҳам телба орзум рўёбга,
Бўзлаб қаршисига чўкким келди тиз!

Йигит...Аммо нега сени ўйлайман,
Ҳозир ҳам ҳавасдан музлайди этим...
Мен қорли бекатда вайрон турган шом,
Сен мендан — ҳаммадан бахтиёр эдинг.


* * *

Бизни чалкаштирди соат миллари,
Соатинг тўхтади ўн йил муқаддам.
Ўн марта айланди менинг йилларим.
Сен ўн йил кечикиб келдинг, Муҳаррам.

Ҳаво қуюқ эди. Кеча бежон, кенг...
Ҳеч умид йўқ эди ойдин рўзимдан.
Вақтга (ўн йил аввал) келолмадим тенг,
Вақт учди ажратиб мени ўзимдан.

Бир сўзим бор эди — у сўз тўзиди,
Бир ўйим бор эди — қуриди у ўй.
Сен келдинг эритиб йиллар музини,
Қаршимда бир олам турар баҳоррўй.

Бесабр боқурсан, нотинч боқурсан,
Уйқу бермагайсан шеърлар ёздириб.
Бормасам — оламни ўтда ёқурсан,
Кўзларинг қалбимга кирар бостириб.

Тоқат қил. Шоширма, Мен бораяпман.
(Пойимдан нур каби оқа бошлар Ер).
Кетмагин. Мен сендан ўн йил нариман.
Ўн йилдан ўтишга ўн дақиқа бер...


* * *

Бекор. Ёлғон. Ботмаган
Муҳаббатнинг қуёши
Тун келди деб додлаган,
Бевафолар кўз ёши.

Мен бораман. Бу жоним,
Сеникидир... Ўксима.
Тунда қўрқма. Оқ тонгнинг
Бир парчаси кўксимда...


* * *

Сен ҳали ёшлигинг билан оввора...
Мен кўзни юмдимми, келади босиб
Ҳам шонли, ҳам бешаън, ҳамда бечора
Хотира юкининг оғир карвони.

Сен ҳали сўйлайсан ҳаммага бийрон...
Мен эрсам, ночорлик ичида тўзиб,
Ёлғон куйлаганман қачондир, бир он —
Сўнг узиб ташладим тилимни ўзим.

Ҳали тушларингда учасан юксак...
Мен ҳанча канотдай крқмай ҳўлимни,
Йўқолган осмондан топмасман дарак,
Кўраман тубанлаб кетган йўлимни.

Дўсту душманларинг сенга-ку аниқ...
Мен-чи, оломонга тикиламан жим,
Билмасман ағёру ёримни таниб,
Менга ҳам дўстим деб боқмагай ҳеч ким.

Сен ҳали ҳар лаҳза кулишга тайёр...
Менинг кўзларимда музлаган оғриқ,
Эриса — бир мавжи ўзбаки диёр,
Оҳса — бир соҳили виждонга боғлиқ.

...Росту ёлғон аро тентираб юриб,
Қувондим, йиғладим, жунжикдим, қотдим...
Сенинг кўзларигата термулиб туриб,
Ўзимни фош қилиш бахтини топдим.


* * *

Ёмғир.
Бекат.
Эркакнинг эгнида ёмғирпўш.
Аёлнинг кўйлаги баданига ёпишган.

(Олтмишинчи автобус тўхтаб ўтади).

"Совуқ қотди,— ўйлайди эркак,—
Ёмғирпўшни елкасига ташласам
Хафа бўлмасмикин?"

(Олтмишинчи автобус тўхтаб ўтади).

"Чиройли экан,— ўйлайди эркак,—
Ёши ҳам ўттиздан ошмаган.
Қани эди, шундай хотиним бўлса..."

(Олтмишинчи автобус тўхтаб ўтади).

"Балки у тақдиримдир,—ўйлайди эркак,—
Аммо ёмғирпўштни
елкасига ташласам,
отиб юбормасмикан?
Барибир аёл-да__
Чиройли бўлса ҳам..."

(Олтмишинчи автобус олиб кетади аёлни).

Уф тортади эркак.
(Уйида
ивиган кийимларини
яна ўзи
— хўрсиниб — ечади аёл).


* * *

Олис юртнинг бегона иси
Соҳилларни кўмди ногаҳон.
Тунд бўлса ҳам денгизнинг юзи
Кема қайтди сафардан омон.

Пристанда тизилиб турар,
Эрларида ўй-хаёллари,
Одессанинг бахтли, мўътабар,
Гуноҳкор ва пок аёллари.

Асли касби бўлса ҳам фироқ
Чидолмади кекса капитан,
Хотинини тўлқиндай оппоқ
Сочларига кўмилди бирдан.

Алп қоматли денгизчи шодмон
Кўришди-да довдираб, ёниб,
Жўнаб кетди уйига томон,
Хотинини кўтариб олиб.

Ҳамма кетди...Бир матрос фақат,
Олис юртнинг бегона исин,
Тарк этгиси келмасдан карахт,
Узоқларга тикарди кўзин.

У ҳам кетди... Хаёллар суриб,
Куйлаганча матрос қўшиғин,
Кўчаларда тентираб юриб,
Майхонанинг очди эшигин...

Мудраб ётган мастон шаҳарча
Ўша кеча уйғонди чўчиб.
Бир ҳасратли, ғамгин ашула
Кўчаларда юрарди учиб.

Сармаст бўлиб куйларди кимдир
Тун ярмидан ошган вақтида —
Денгизлардан нарида қолган
Энг чиройли бир қиз ҳақида...


* * *

Шоирлар эрта туғиладилар.
Баҳорнинг тўнғичи — бойчечакдай.
Шоирлар армон билан ўладилар,
Баҳорнинг тўнғичи — бойчечакдай.

Бойчечак болаларнинг дилларида қолади.
Тўрт девор ичида сиқилган болалар
Деразадан қорга умидвор боқишар...

Шоирлар болаларнинг дилларида қолади.
Шоирларга армон бўлган йўллардан
Жўнаб кетишади исёнкор болалар...

Шоирлар армондан туғиладилар.


ЮРАК

Кўксимда бир қуш бор — учади тинмай.
Юксак-юксакларда учар — кўрар туш...
Учади ярадор бўлганин билмай,
Учиб кетаётиб ўлади бу қуш...

Qayd etilgan


Ansora  09 Aprel 2010, 20:33:10

«СУРАТ ПАРЧАЛАРИ» КИТОБИДАН
1986


СУРАТ ПАРЧАСИ ҲАҚИДА ДОСТОН

Сурат парчасини ердан кўтардим,
Бир кўз боқар эди менга аламкор.
Тошкент боғларида хазон тутарди,
Дарахтлар ортида кезарди ғубор.

Суратинг парчаси кетди мен билан
Ва тунда тушундим...
Бу бечора кўз
Кимгадир жимгина "севмайман" деган
Курашу оғриқлар ичида бесўз.

Ҳа, кимдир чорбоғда кезган инграниб,
Дарахтлар тагида тош каби қртган.
Сўнгра аламидан ўзни йўқотиб,
Суратни бурдалаб-бурдалаб отган.

Бу кеча чорбоққа келади кимдир,
Кўздан ёши оқиб айлару тавоб,
Сурат парчаларин ўпади бир-бир,
Ўпади, олса-да қаҳратон жавоб.

Қайси бир кулбами, ётоқхонада,
Тунлари ғижирлар темир кароват.
"Оҳ уриб", тўлғониб ётган одамга.
Девордан боқади бекўз бир сурат.

Одам деразадан тунга қарайди,
Чироқлар нуридан кўчалар бўзранг.
"Ёрдам бер,— осмондан нажот сўрайди,—
Мени қутилтиргин йўқолган кўздан".

Бекўз сурат унга боқади гаранг,
Михгами, доргами турганча осиқ.
Чарчоқ элитади — мудрайди одам
Эшикни негадир тамбалаб ёпиб...

Лабимда қотади энг буюк сўзлар,
Бошимни чангаллаб инграйман ночор:
Кўксимда турибди йўқолган кўзлар —
Сурат парчалари қатору қатор.

Биров виждонини йиртди бепарво,
Унут бурдалари кетдилар тўзиб.
Шоир юрагини кўрдиму раво,
Менинг кўксимдадир виждоннинг кўзи.

Мендан қўрқиб яшар беимон шўрлик,
Чўчийди қўшиқдан, ҳақпарвар сўздан,
Покликни эзғилаб қилади кўрлик,
Фақат қутилса бас йўқолган кўздан.

Биров Ватанини бурдалаб отди
Шуҳрату мағрурлик кечаларида.
Ватаннинг кўзини мен излаб топдим
Шеъриятнинг узун кўчаларидан.

Биров майдалади сени, ҳақиқат,
Қалбида тугабми курашнинг қўри.
Кўзингдан айланай, ўтгин, марҳамат,
Ҳақиқат, сенгадир кўксимнинг тўри!

Бўлаклаб ташлади чегара тиғи,
Минг рангга бўялиб титрайсан, Дунё.
Талошдир танингнинг ҳамон ёғлиғи,
Сарсон кўзинг менинг кўксимда аммо.

Шунданми, куйладим гоҳ шод, гоҳ нолон,
Эзгулик йўлида дарёдай оқдим.
Ҳар битта сатримга Ҳақиқат, Виждон,
Ишқ, Дунё, Ватаннинг кўзи-ла боқдим.

Яна...Нима бўлди? Ҳовли дарчасин
Биров қоқмоқдами, ё чертди ёмғир.
Ёки эзгуликнинг қонли парчаси?...
Ёраб, ким кўзини йўқотди, ахир!?

Ким у ташқарида туртинган беҳол?
Ҳайиқмай эшикни очгин. Кутаман.
Сенга кўз керакми, мана, ола қол...
Юракдан бир парча кесиб тутаман.


ТЕАТР

Бу ерда ўзлари учун йиғлашмас.
Бу ерда йиғлатар бировнинг дарди.
Бу ерда бировнинг ғами муқаддас,
Бу ерда табаррук ўзганинг қадри.

Эски палто кийган, мангу пиёда
Санъат бу саҳнада қилар қўзғолон.
Юрак бахш этмоқчи булар дунёга,
Қалбларга - хўрсинмоқ учун бир имкон.

Бунда ўз бўйини ўлчайди замон -
Орқага қайтдимми, кетдимми олға?
Оқ чорлоқ қонига беланар ҳамон,
Олчазор оралаб тақиллар болта.

Асрлардан ошиб келар ул Мирзо -
«Сизларга боқсин-да, кузларим туйсин!
Майли, неваралар гувоҳ булсин, оҳ,
Фарзанди падаркуш қайтадан суйсин!..»

Бунда кезишади подшолар бебахт,
Бетож бошларини чангаллаб, ҳорғин.
Томоша залини эта бошлар забт
Бир дард - Гулбаҳорнинг сочидай толган.

Театр! Жонингни ўйламадинг ҳеч,
Ёниб бормоқдасан! Бағрингда ёнган!
Барча катта-кичик бинолар ҳар кеч,
Сенга ҳавас билан боқишади жим.

Ёлғончи дунёнинг ёлғонларидан,
Таним музлаганда тугару сабрим,
Театр, ё ҳақ, деб сенга келурман -
Мени ёндира қол, бировнинг дарди!

Сачраб уйғонади мудраган дилим,
Семиз орзуларни парчалаб ташлар.
Уйимга келаман! Ёзув столим,
Театр, сен каби ловуллай бошлар
.
Санъат! Ўчмагайсан! Сен — мангу қуёш!
Ахир, фидоларинг кўпдир дунёда!
Бировнинг дардига бўлгани йўлдош
Санъат кетиб борар пою пиёда...


ҒАФУР ҒУЛОМ ҲАҚИДА ҲУЖЖАТЛИ ФАНТАЗИЯ

Апрель. Олмаота. Тонготар. Жимлик.
Бир енгил шаббода оқади равон.
Машъум бу хабарни етказди кимдир —
Деворга суянди Ғафур ал Ғулом.

Шоирга нима ҳам керак аслида?
Эътибор, шон-шуҳрат унга бир хасдир.
Боқиб диёрнинг бўйи-бастига,
Халқини куйламоқ шарафи басдир.

Деворга суянди Ғафур ал Ғулом,
Радио мурватин беҳол буради.
"Тошкентда... Зилзила...
Бугун... Апрель... Тонг..."
Шош, наҳот, елкангга кулфат қулади?

Бир лаҳза эгилди оқарган боши,
Бир лаҳза дилига кўчди қиёмат.
Оқди... Оқаверди кўзидан ёши,
Она юрт, бормисан соғу саломат?

Шоир нима учун яшайди, ахир?
У мангу ишонч-ла олади нафас —
Балолар қанчалар топмасин тадбир
Ватанни ўрнидан қўзғата олмас.

Қозоқ осмонида булутлар семиз,
Бўрдоқи қўйлардай юришар кезиб.
(Собит, эй Собит дўст, сен кўп хуштаъмиз,
Аммо ғам кетди-ку юракни эзиб!")

"Сен етим эмассан!"— бир пайт бўзлади
Бу сағир дунёнинг силаб бошини.
Келажак номидан ёниб сўзлади
Ва Дунё жилмайди артиб ёшини.

Шоирнинг умридан ахир, не маъни?
У куйлар — қалбларда ловиллар қуёш.
Баланд қўшиқларга руҳини элтгани,
Овози бормикан ҳали ҳам, эй, Шош!

Балки — қарилик-да — тилини боғлаб,
Бўғзига кўндаланг йилларнинг тоши...
Тошкент бор тарафга термилиб, қақшаб,
Оқди... Оқаверди кўзидан ёши.

У билар, йўқ, ўзбек эмасдир танҳо,
Қалқиса елкасин тутади дўстлар.
Наҳот, қалбда қолиб кетади аммо,
Шундай кун Ватанга аталган сўзлар!

...Кейии у Тошкентда кезди пиёда —
Кўрганлар айтади — ғамгин, хаёлчан.
Балки у ўйлаган шунда зиёда,
Бедардлар узоқроқ яшашини ҳам.

Балки ўйлагандир — қулаган ғишт — шеър,
Аммо қўйилгани "Хамса"дай достон.
("Қайдасан юрагим — эй, мўйсафид шер,
Наҳот, уни битмак бизларга армон!")

У кезган хўрсиниб, кўзини артиб —
Кўзларига қўнмиш не аччиқ гардлар?—
Шоирни дунёдан олди-ку тортиб,
Халқига айтмаган муқаддас дардлар.

Балки сўнгга они у пичирлаган
(Биласиз, Муҳаррам ана, сиз гувоҳ):
— Қувончу ғамини эшитсин олам,
Табиат, ўзбекка шоир қил ато!

Мен бир бола эдим — ўн олти ёшда,
Бу даъват маъносин қайда чақмоғим?
Ғафурнинг дўпписин қўндириб бошга
Қаршидан чақнади шеърнинг чақмоғи.

Демак, савол сизга, Абдулла Ориф!
Зилзила тинчиди — кўнглингиз тўқми?
Кўксимни бир вулқон бормоққа ёриб,
Менга айтадиган гапингиз йўқми?


ЁЗ

1

Дарёнинг қум қирғоқларида
Яп-яланғоч ётар саратон...
Мен қичқирдим қулоқларига:
- Отинг нима? Мудрама! Уйғон!

Қумли соҳил кетгунча уйқу...
Қилт этмади саратон тани.
Кўзни юмиб ётаверди у.
У эринди исмин айтгани.

2

Туш. Саратон чопади кетмон.
Юз-кўзидан оқиб борар тер.
Саратоним, жоним саратон,
Сен исмингни менга айтиб бер.

Қуёш ўзи минг-минг асрким,
Ўт исмини йилларга ўймиш...
Туш. Саратон кетмон чопар жим —
У исмини унутиб қўймиш...


КЎЧАДАН РЕПОРТАЖ

Бу одамнинг икки қўлида
икки қаппайган тўрхалта,
рўзғоридан бошқа дунёни билмайди
бу одам.
Бу одам душман билан қувонгани учун
дўстларининг ёнида ғамгин.
Бу одамнинг бўлса, бир орзуси бор:
Сурхон даштидаги кунгай тепада
елкасини баҳор офтобига тутиб,
эриб-эриб ухласам, дейди.
Буниси уй қурди,
машина олди,
энди нима қиларини билмай ичади.
Бу одам шошгани-шошган,
орзуларнинг поёнига умри етмасмиш.
Бу аёлнинг ранги сап-сариқ —
бевафо эрини севади.
Буниси лорсиллаб турибди —
эрини ҳам, ўйнашини ҳам севади.
Бу йигитнинг туриши виждон —
фақат тан олади ҳақиқат тарозусини.
Бу чолнинг кўзлари ловуллар,
яшайди инқилоб оловини одамларга
улашиб.
Бу қизнинг юзига тикилсанг,
нигоҳи типирчилар
бўғзига пичоқ қадалган оҳудай.
Бу қиз шаҳвониятнинг соғлиққа фойдаси ҳақида
суҳбатлашишни яхши кўради.
Буниси ҳамма яхшиларни яхши кўради.
Бу қизчанинг қўллари ёрилган —
номард кузнинг совуғидан қўрқмай
пахта терипти-да яна, азамат!
Бу боланинг кўзлари ўткир —
тикилса келажакни кўради.
Бу одам — қизчанинг ва боланинг отаси —
"Пахта байрами"га кийиб чиқсин деб
байрамлик излайди фарзандларига.
Буниси, аниқ, Бойсундан келган
(бошидаги гилам дўпписи гувоҳ)
Ўтган машинага қўл кўтаради —
поездга шошяпти.
Поезд уни Бойсўнга олиб кетади...
Бойсунда акам бор —
дўст деб билади учратган одамини,
Опам бор —
ўн битта боланинг онаси —
энг улкан орзуси Тошкентни кўрмоқ...
Онам бор...
Онам... мени соғинади.
Дарвоқе, мен...
Нега афтингиз бужмайди?
Мендан хафа бўлманглар.
Касбим шунақа:
Сизга кимлигингизни очиқ айтишим керак.


* * *

Ўрдадаги кўприк устида
Кузак билан келдим рўбарў.
Қараб қолдим унинг юзига,
Юрагимда минг оғриқ, минг ўй.
Тош соҳиллар аро сирғаниб,
Пойимизда оҳарди анҳор.
Мен ўйладим, қайдадир ёниб
Мени соғингувчи онам бор...
Парча булут ётарди бежон
Олисдаги фалак тоқида.
Мен куз билан туриб ёнма-ён
Хаёл сурдим онам ҳаҳида.
Бир навбаҳор қуёшга кулиб,
Чайқалганда сархуш далалар,
Шиддатимдан қучоғи тўлиб,
Олиб кетди мени жалалар.
Мен ёш эдим. Тушунмасдим ҳеч
Бу бахтми, ё ҳаёт зарбаси?
Илғамадим онам кўзида
Липиллаган хазон шарпасин.
Мен — қўшиқнинг қудратин сезган,
Ўзин даҳо билган болакай,
Ногоҳ ҳижрон чақмоғи эзган
Онамга ҳам кетдим қарамай.
Танимасдим у пайт кузакни,
Тирикликка — гулга эдим ўч.
Ўрдадаги кўприк устида
Бугун ногоҳ унга келдим дуч.

Шеър учунмас, волидам учун
Кўзларимдан ёшим қуйилди.
Сув ёқалаб, қўлида тугун —
Онам келаётгандай туюлди...


* * *

Баҳор ўтди. Кўкда кўринмас булут,
Ўримга чоғланиб сарғайди дала.
Мен ўн кун яшадим ёнингда кулиб,
Энди фурсат етди кетишга, она.

Соҳиллар таҳдири — она-болалик.
Ўртамизда дарё оққани-оққан.
Она, кетаримда ғуборсиз кун ҳам
Юзимизга ёмғир ёққани-ёққан...


НАВОИЙ

I

Қудратингдан зралди олам,
Етти кунда йўқдан қилдинг бор.
Дариғ тутма меҳрингни мендан,
Сўзсиз қолдим. Тангрим, сўз юбор.

Сўз йўқ. Гарчи туғёнларимдан,
Барча йўқлик тушар ларзага.
Бир сўз бергил — мен яратаман,
Бу оламни етти лаҳзада.

II

Қуёш бўлиб осмондан боқдинг,
Зор қилдинг-ку, йўлингга — келгин!
Мен ҳаммани оловда ёқдим,
Фақат ўзим музладим, севгим...


* * *

Бу уйда яшашар бир-бирин пойлаб,
Бунда эзгу туйғу қовжирар пинҳон.
Бунда фақат чарчоқ кезади яйраб.
Бунда уваланиб боради инсон.
Бунда бир бурчакда, тишлаб лабини,
Теграсига боқар жиддий, бешафқат —
Шу уйнинг бўлажак одил қотили,
Шу уйнинг ўзида туғилган Нафрат.
Нафратнинг қўлида ханжар — ухламас —
Тун бўйи бир зарбга йиғар аламин.
Ханжарни бош узра кўтарганда даст,
Деразадан ошиб тушар аллаким.
Аллаким Нафратнинг қўдидан тутар,
Ёқасидан ушлаб шивирлар бстин.
Ютоқар, аламни ичига ютар:
— Бу уйни кечиргин, Нафрат, кечиргин!...
— Сен кимсан, эмрандинг бунда бетоқат?..
Вайрона бўлмоққа маҳкум бу кулба —
Кундуз шифти полга отар маломат,
Тўрт девор айблайди бир-бирин тунда...
Нафрат қароридан қайтмас — тўлғонар,
Аммо таралади бир илиқ сеҳр.
Уйнинг карахт қотган тили уйғонар:
— Сен етиб келдингми, қувғинди Меҳр?...
Беҳол суянади Нафрат жавонга...
Жимлик. Тўрт девор жим. Шифт жим. Пол
Меҳр иккиланиб чиқар балконга,
Кутади..."Қолгин", деб айтмайди ҳеч ким.


ЭСКИ ҚЎШИҚ

Қоқилади ҳоргин отлар,
Ғижирлайди арава.
Ғилдираклар изи йўлда
Тўзғиётган калава.

Хуш қол, ёрим! Тақдир сени
Менга кўрмади раво.
Бу дунёнинг исми гулмас.
Пулдунёдир бу дунё.

Тўйинг бўлди, даранглади
Чилдирмаю ноғора.
Мен кўчангда бўзлаб кездим,
Музлаб кездим —девона.

Хуш қол, ёрим,чимматларинг
Кўз ёшиингдан ҳўлдир-эй,
Бировларга ёр бўлгунча
Ҳасратингда ўлдир-эй!

Лочин эдим, армонларинг
Қайирди қанотимни...
...Эрта тонгда аравага
Қўшдим икки отимни.

Манзил қайда? Сўрамагин,
Йўқотдим мен ўзимни.
Чангли йўлда ғилдиракнинг
Изи каби тўзидим...


* * *

Қийналади офтобни кутиб
Ёмғирларда ивиган шаҳар...
...Ухлаб қолдинг, йиғлаб, қон ютиб,
Кўринганда уфқда саҳар.

Мен тақдиримдан ҳеч нолимайман,
Гар алмашди шомга тонгимни.
Олиб келди бу оқшом билан
Узоқларда қолган жонимни.

Менинг сарсон умримга ойдин
Ривож тилаб у чекди фиғон.
Оёғини тавоф қилдим мен —
Дунёда энг омадсиз ўғлон.

У ҳеч нарса қилмади талаб,
Минг ўргилди қошу кўзимдан.
Унинг қаро сочларни силаб,
Бу тун кечдим ҳатто ўзимдан.

Ёмғир ёғди майда-майдалаб,
Майда-майда бўлди юрагим.
Тонг отгунча қайта-қайталаб,
"Севасанми" дея сўрадим.

Қийналади офтобни кутиб,
Ёмғирларда ивиган шаҳар...
...Сен кетасан қайга қон ютиб,
Мени қайга бошлайди саҳар?


* * *

Мен йўқман. Ёлғонлар мени йўқотди.
Чин гаплар севгимга қилмади карам.
Нега чорраҳада тош каби қотдинг,—
Энди сайр қилгин изғирин билан.

Қўнғироқ чалмагин. Очмайди ҳеч ким,
Эшик на жилмаяр, на у сўз билсин.
Азизлик тахтидан тушган, азизим,
Палтонгни сукунат қозиққа илсин.

Ўт жонидан ўтар — бўзлайди чойнак,
Дераза йиғлайди — ташқари туман.
Телеэкранининг оғзини пойлаб,
Энди қаҳва ичгин ёлғизлик билан.

Соат бонг уради. Тун ярим... Ярим...
Дил ярим — ғуссадан тўлмас ҳеч қачон...
Зулматгоҳ хонанинг ичида, ёрим,
Энди сезавергин ўзингни тобон.

Ухлайсан. Не учун титрайди нафас?
Яна "кел" дейсанми?... Чорлама. Мен йўқ.
Мен йўқ. Энди менинг кўксимга эмас.
Ёстиқнинг юзига ёшларингни тўк.

Йўқ, йўқ, ишонмагин! Бу шеърдан тондим,
Бу менинг ўзимга отганим — ўқдир.
Ахир, бу дунёда мен сенсиз қолдим,
Ҳатто дардлашмоққа ёлғизлик йўқдир...


* * *

Ҳар кеча
хотиринг юракка қайтар,
забт этар
лаҳзада
жону жисмимни.
Ташқари чиқаман —
кеча мунаввар...
Шунда
такрорлайман йиғлаб исмингни.

Аммо ўртамизда бепоён кеча —
юлдузлар ўртанган сокин бир хилқат.
Ёлғизим,
мабодо
овозим етса,
ишонма...
йиғлама...
унутма фақат.


* * *

Энди шеър ёзмайман унга бағишлаб,
Энди хаёлини ўйлаб йиғлайман.
Ана, қорли кеча — оппоқ фаришта
Бўсалар олмоқда азиз манглайдан.

Энди мактублар ҳам битмайман — тамом!
Занжирбанд қиламан телба қайғуни.
Ана, қорли кеча — тўзғиган шайтон
Олиб кетмоқдадир қучоқлаб уни.

Наҳот, қачонлардир чиқади қуёш,
Нурга йўғрилади бу совуқ дунё?
Энди бу ҳаётим кетгунча бардош,
Энди бу ҳаётим меники танҳо...


СЕВГИ ҲАҚИДА УМИДБАХШ БАЛЛАДА

Қуёш ботиб кетди. Туғилмоқда тун,
Ҳали ўпилмаган — маъсум, бокира.
Кўчада юрибман мен нима учун?
Мен, ахир, ўлганман, мен бир хотира!

Менга нима керак заминда? Ахир,
Менга нима керак ташвишли олам!
Мени судраб борар мусиқа — ғовур,
Мени қучоғига олар ресторан.

Ўлган одамларга сенмисан тирак,
Яқин кел, улфатим, оқбадан шиша.
Мени ташлаб кетди ўтмиш, келажак,
Мендан айро тушди виждон, андиша.

Кўм-кўк тутун ичра сузиб юрар зал,
Ойнинг ёғдусидай куй оқар ҳазин.
...Худди хаёл каби солланиб гўзал,
Рақс майдонида учиб юрган ким?

Ногоҳ пайдо бўлар кўксимда юрак!
Танимдан кўринмас кафанни юлиб,
У қиздан бир қатра ҳаётми сўраб,
Унинг қаршисига бораман юриб...

— Кечиринг, юзимга тикилиб боқманг,
Мен асли ўлганман, кўзларим чирик...
Қиз рақсга тушади, кулади шўх—шаън:
— Кўриб турибман-ку, сиз тирик...Тирик!

Қўлларим қанотга айланар гўё,
Самода тўзғийди биз қолдирган из.
Паноҳим, учяпмиз юлдузлар аро,
Юлдузлар ичида энг гўзали — сиз!

Менга ҳадя этиб жонимни такрор,
Қиз жўнар уйига — қувончдан яшанаб...
Мен кўча кезаман. Ёға бошлар қор,
Оппоқ қўлчаларни елкамга ташлаб.

Дўстларим оромин бузар телефон,
Уйқусираб бари ғўлдирайди: "Ким?"
Биров телефонга қичқирар шодон:
— Табриклаб қўйинглар, дўстлар, тирилдим"!

Менинг киндик қоним тўкилган юртда,
Телеграфчи қиз ақлдан озди.
Манов телба бўлиб қолган аппарат
"Она, мен тирилдим" деган хат ёзди.

Менинг атрофимда бўлса оппоқ қор,
Менинг атрофимда туйғулар, ўйлар.
Сокин шивирлайди: "Нима гапинг бор?"—
Қадамим товшидан уйғонган уйлар.

Биламан, бир уйда — оппоқ тўшакда
Нурдай пок вужудин чойшабга кўмиб,
Бир жувон ухлайди худодай якка,
Балки мен ҳақимда ойдин туш кўриб.

Бизнинг ўртамизда балки йиллар бор...
Унинг орзулари қолганда қуриб,
Мен олиб бораман қалбимда баҳор,
Секин шивирлайман: "Келдим. Мен тирик!...


* * *

Билмадим, қаердан келар бу овоз,
Гўё тун қўйнидан талпиниб нурга,
Ярадор кабутар қилади парвоз —
"Севгилим, бир умр бўламиз бирга!"

Эрингнинг куйлагин дорга осасан,
Ечглари шалвираб чўзилар ерга.
Нимани ўйлайсан? Нега қотасан?—
"Севгилим, бир умр бўламиз бирга!"

Бегона бу сочлар қоп-қора гулхан,
Силасам, куйдириб отар хотирга.
Мен ҳам эшитяпман, мен ўтдаман —
"Севгилим, бир умр бўламиз бирга!"

Бешикни қучоқлаб енгил ухлайсан,
Тушингда бир ҳаёт — менгзайди шеърга.
Кулиб такрорлайсан, кулиб тинглайсан:
— Севгилим, бир умр бўламиз бирга!

Умрдан гапирма. Унда айб йўқдир.
Ўтган умр асов — кўнмас таҳрирга,
Сен ҳозир чорлагин, ёшимни тўкдир:
— Севшлим, бир умр бўламиз бирга!

Айвон устунига суяниб оғир
Боқасан: фалакда ёлгаз бир турна...
Турна йиғладими, ёғдими ёмғир —
"Севгилим, бир умр бўламиз бирга!...

Бизни таъқиб қилар бу савдо мангу,
Умримизни абад ўрайди нурга.
Учрашсак, наҳотки, етим қолар у —
"Севгилим, бир умр бўламиз бирга..."


* * *

Адашиб бораман бу тинч шаҳарга,
Мени қаршилайди тераклар, толлар.
Кўчани уйғотиб сокин саҳарда
Қайгадир боради саҳархез чоллар.
Баҳор кўчабоғда айланар синчков —
Яшашга ким қобил?— ўтказар кўрик.
Қуриган олмани кесади биров,
Шундоқ кўз олдимда гуллайди ўрик.
Ёлғиз чой ичаман.
— Келинг, эй меҳмон!
Қўлимни кўксимга қўяман: — Раҳмат!
Биламан, илтифот озгина ёлғон,
Аммо дилга ёқар бу содда шафқат.
Дўкончи жувонлар кулишар майин,
Ҳазил тушунишар жиддий сўзимни.
Кейин...Бир дераза ортидан — тайин!—
Мен кўриб қоламан сенинг кўзингни.
Учиб ўтиб кетар орадан йиллар...
Бир куни мен сенга бераман савол:
— Ёдингдами, ўша тинчгина шаҳар,
Қатор-қатор терак, қатор-қатор тол?
— Тол? Терак? Қаерда?— Ўйга толасан...
Мен сени қийнамайман:— Эслагин бир бор
Кўрмагансан, аммо эслаб қоласан,
Терак қатор-қатор... Тол қатор-қатор...
Аччиғинг чиқади:— Ҳар кун шу аҳвол!
Ухлайман. Чироқни қўйсанг-чи тўсиб...
"Қатор-қатор терак... Қатор-қатор тол..."
Мен шеърлар ёзаман шу кеча ўксиб.


* * *

Сен ухлаяпсан.
деразадан тушган ой нури
судралиб-судралиб
кўрпангга етар.

Дунёдаги Энг Гўзал Аёл,
ойнинг нурларига ўраниб ухла,
ойнинг нурларини қучоқлаб ухла,
мени соғинган лабларингни
ойнинг лабларига босиб ухлагин...

Мен бора олмайман. Юрак тўла тош.
Айт, қачон вазнсиз бўлмоқлик мумкин?
Қандай ой нурига айланса бўлар
ва қачон ой нуридай сарғайган қўлларим
қаро сочларингни силаб титрагай?

Дунёдаги Энг Гўзал Аёл,
наҳот, бир умр керак бўлса,
ой нурига айланмоқ учун?..


ҲАЁТ ҚЎШИҒИ

Боғ қўйнида икки дарахт —
Бир-бирига интизор.
Сен — бир дарахт,
Мен — бир дарахт,
Куйиб-куйиб ўтдик, ёр.
Аммо бахрр келганида
Очилиш керак экан.
Гулу мева, хазон бўлиб,
Сочилиш керак экан.
Шамолларга дилим ёрдим,
Гул-япроқлар тилида.
Ел кафтида олиб келган
Ҳар шивиринг дилимда.
Аммо баҳор келганида
Очилиш керак экан.
Гулу мева, хазон тўкиб,
Сочилиш керак экан.
Ерга боғлаб қўйилганман,
Илдизим ер остида.
Кечалари шовуллайман,
Боқиб бўйи бастингта.
Аммо, яшаш керак экан,
Очилмоқ керак экан.
Гулу мева, хазон тўкиб,
Сочилмоқ керак экан.
Бог қўйнида икки дарахт —
Бир-бирига интизор.
Сен — бир дарахт,
Мен — бир дарахт,
Куйиб-куйиб ўтдик, ёр!

Qayd etilgan


Ansora  09 Aprel 2010, 20:33:50

«ИККИНЧИ АПРЕЛЬ» КИТОБИДАН
1987


* * *

Мен чарчаб сенга суяндим, ҳақиқат.
Соат бонг урмоқда,
Гаплашайлик, кел.
Қўрқма,
Ўтиб кетди бир кунлик даҳшат.
Бугун иккинчи апрел,
Ҳақиқат,
Иккинчи апрел...


ОЙБЕКНИНГ УЙ МУЗЕЙИДА ЎҚИЛГАН ШЕЪР

Бу ерга келганда
Ишондим.
аниқ —
Ойбекнинг муқаддас остонасида
ёлғон ўлса керак
уятдан ёниб,
киролмай шоирнинг
шеърхонасига.
Биламан,
бу уйда яшайди ҳамон,
Ойбекнинг қалбидан мерос диёнат.
Амммо келаримда
Ишондим —
аён —
шу эшик олдида
ўлар хиёнат.
Бу ерга келишда
яна
ишондим,
икки юзи борлар кўчада қолар.
Шоирнинг
бронза
кўзига боқиб,
Шеър ўқир бир қалбу
бир юзи борлар.
Шоир,
Сизга ўхшаб,
соддалигим бор.
Ҳануз бу дунёнинг ўйини чалкаш.
Покликнинг ёнида
ана,
бахтиёр —
ёлғон таъзим қилиб,
жилмаяр яккаш.
Кўзимга қадалар —
Виждон ёнида,-
хиёнат турибди -
соғлиги хўб соз.
Ҳатто нутқ айтмоқчи,
шоир шаънига,
тилига ёғ суртиб,
сўзига пардоз.
Ана,
мухлисингиз - ўйчану ғамгин
Сиздан
улгу олган
ўткир кўзини.
У нечун безовта?
Пайқадимикан -
Бирор бир кимсанинг
Минг бир юзини.
Бу гапни айтмоқчи эмасдим асли,
Бироқ йулчилигим...
Бу - сиздан мерос.
Поклансин дейман-да
одамзод насли,
Сизнинг уйингизга келганда,
устоз...
Бу ердан қайтишда
яна уйлайман,
Ойбекнинг руҳидан мадад ол, юрак!
Тилим тутилгунча
Энди куйлайман,
Тилим тутилса ҳам...
Куйлашим керак!


* * *

Ўзингни аяма,
Бешафқат бўлгин.
Жонингга солиб тур гоҳида буров.
Шунда
Топилади
Хоин бўлагинг —
Унга раҳм қилма,
Қатл эт дарров.
Ўзингни аяма,
Бешафқат бўлгин.
Жанг қил
Била туриб
Мағлубиятни.
Шунда
Чекинади
Сотқин бўлагинг —
Маҳв эт шармандани,
Маҳв эт уятни.
Майда-майда бўлма,
Мудом бутун бўл,
Ўзингни ўзингга қилмагин талош.
Бир тан бўл,
Бир сўз бўл,
Битта тугун бўл —
Фақат битта юрак,
Фақат битта бош.
Аммо курашларда қурбонлик расм,
Сени ташлаб кетса,
Сен севган ҳаёт,
Минг битта тобутда танинг ётмасин
Дўстларинг кўтарган
Бир тобутда ёт.


ЁНАЁТГАН ОДАМ

Гулханнинг тафтими урилди бстга,
Биров ўзин тортди сесканиб четга.

Биров қўлин қилди юзига қалқон,
Тескари ўгрилди битта ширин жон.

Сояга чекинди бир қиз:
— Ҳой ўртоқ,
Иссиқдан тушмасин юзимизга доғ.

— Ахир, ҳозиргина тинч эди олам,
Қайдан пайдо бўлди бу гулхан — одам?

Қандай яхши эди бугунги ҳаво!
Шаҳарга ловуллаб чиқди бир бало...

Кимдир автобусга ўзини урди,
Кимдир магазинга йўлини бурди.

Мангу олов каби гуркираб, бардам,
Кўчадан борарди ёнаётган одам.

Ўтга топширганди бардошин, кўчин,
Ҳатто айтолмасди:
— Ахир, сиз учун...

Ахир, ким ёнибди ўз дарди билан?
Ёнса ҳам бўлмагай, бундай шаън гулхан.

Халойиқ яқин бор, анграйма бешон!
Сен ҳам унга қўшил! Олов бўлгин! Ён!

Қўрқаяпман! Алдадим... Мангу эмас ул.
Ҳеч кимни ёндирмай кул бўлмасин, кул...


УЛКАН ОДАМ

Улкан одам чарчоқ эди,
Ҳориган эди жуда,
Автонинг бўш курсисига
Вужудини ташлади —
Улкан одам бир лаҳзага
Асир бўлди уйқуга,
Улкан одам
Ўзин билмай,
Аста мудрай бошлади.
Улкан одам кўзин очмай
Сезди: дам олмоқ — роҳат.
Улкан одам — умр бўйи —
Гоҳо тик, гоҳ чопганди.
Юрагию, оёғига
Қилмаган эди шафқат —
Улкан одам улканлигин
Югуришдан топганди.
Ҳар бекатдан
Тўп-тўп одам
Чиқар эди автога.
Елкалар зич. Ушлағичга
Чилвир қўллар боғланар.
Автобус сал эгилганда,
Кетганида қиялаб,
Чилвир-чилвир билакларга
Осиларди гавдалар.
Улкан одам чарчоқ эди...
Гарчи кўзин очса ҳам,
Юраги бир ғафлат ичра,
Мудраб ётарди ҳамон.
Осилганча тик турмоқни
Аъмоли деб билса ҳам,
Улкан одам
Қўзғалмоққа
Топа олмади имкон.
Ушлағичга осилганча,
Одамлар турар қатор,
Қатор-қатор, жуфт-жуфт кўзлар
Унга назар ташларди.
Ҳамма қалқиб тик турганда,
Ўлтирган одам — хор-зор...
Улкан одам —
Шўрлик одам
Кичирая бошлади.
Аввалига узун бўйни
Чўкди елкалар аро,
Ёқаларин орасига
Боши кирди мунғайиб,
Қўлларини енги ютди
(Ботқоқлик тортдими ё?)
Улкан одам —
Шундай одам
Лаҳзада бўлди ғойиб...
Тирик кетган ҳар кишига
Шоир очади аза.
Ҳар бекатда биров ғойиб —
Қанотларим қайрилди...
Мен ҳам бугун бир дардимни
Элга қилай овоза:
Улкан-улкан дўстларимнинг
Қанчасидан айрилдим...
Бу дунёнинг автобуси
Кетиб борар тўхтамай.
Менга асли ўлгунумча
Тик кетмоқлик — муқаддас.
Фақат энди кўзларимни
Юмиб олдим (ҳеч очмай!),
Кимдир ғойиб бўлмаса, бас,
Кимдир йўқолмаса бас...


* * *

Ўттиз-қирқ йил аввал Ўзбекистонда,
Бошқачароқ эди
Фаросат, дидлар.
У пайт ҳам
меҳр-шафқат
жо эди жонга,
аммо ўз жойини биларди
итлар.
Итлар курашарди бўрилар билан,
ўзларин отарди
балолар сари,
аммо одам учун — кўрпача, гилам,
итнинг жойи эса,
эшикдан нари...
Сурув теграсида кезарди сергак,
қора тасодифнинг тўсиб йўлини.
Чўпонга бўларди
беминнат тирак,
аммо
яламасди
унинг қўлини.
Босиқ дўст эдилар одам билан ит,
Энг оғир дамларда ҳозир —
мададкор.
Иш қилмас эдилар
бир-бирига зид,
дуч келиб қолганда
бирор бир жондор.
Бепарво ўтламоқ — қўйларнинг иши,
итлар
вужудида бир ҳушёрлик бор.
Кенглик қаршисида оҳ урса киши,
"ялт" этиб,
жонсарак,
қарайди жонвор.
Одам ҳаётига суқмайди тумшуқ,
ит яхши билади:
қадри - бебаҳо!
Хуш, уни қучоқлаб упсинларми?
Йўқ!
Ахир, чегара бор ҳурматда ҳатга!
Қору бурон аро,
кураш, завқ аро,
шундай яшардилар бир-бирини суяб,
Кечқурун гулханда қайнарди шурпо,
гушти - одамники,
итга-чи - суяк.
Ҳурмат кўрар эди итлар шу тахлит -
олгарми, ювошми,
тозими, гуржи...
Одам-ку биларди
содиқ дўстдир
ит,
аммо одамнинг ҳам куп эди бурчи!
Бир томон қалбларда урушнинг доғи,
бир томон музаффар эл ялангоёқ.
Бир томон қувончу,
бир томон оғу,
Бир томон уроғу
бир томон машоқ...
Инсон шошар эди,
шошарди ит ҳам -
инсонга бўлмайди бироқ тенглашиб,
Югуриб далага
жўнарди одам,
ит борар эди
унга эргашиб...
Ташқарига қаранг,
бугун кўчада
ёғади бугуннинг қори элаклаб.
Совуқда қунишган эшикхонадан
ити бир одамни
чиқди етаклаб...
Ҳа, мен адашмадим!
Бир одам чиқди
итга етаклатиб худди ўзини!
Бу одам умрини
шу итга
тикди -
бурчини, меҳрини, ширин сузини...
Гудак йиғламайди унинг уйида,
Бировни йўқламоқ - ортиқча ташвиш.
Ҳақиқат, элу-юрт... -
бари қуйида,
фақат итни севиб,
қилар парвариш.
Бу одам уйламас дунё ғамини -
юракка тушмасин
бирор майда дард.
Сезмайди айрилиқ,
висол таъмини,
билмайди -
итданмас,
одамлардан қарз.
Уни ит етаклаб келмоқда, хуллас.
Аммо, кучук шўрлик борарди қайга?
Гоҳ қарға ортидан югурар лоҳас,
гоҳ бута тагига -
овлоқроқ жойга...
Баъзан бир зум тўхтар...
Боқар жавдираб,
тоғдай бу одамнинг
тошдай кўзига:
дегандай - чарчадим, толдим тентираб -
йул бошла!
Масъуллик олгин ўзингга!..
Замон!
Сен турибсан нечун паришон,
Нечун суниб борар вужудингда чўғ,
Ҳали ўлганим йўқ,
яшаяпман омон -
итлар етовида
қолганим ҳам йўқ!
Қани, юр,
етаклаб сени кетурман,
Узоқ-узоқларни кўрмоқда кўзим, -
Мен сени итларга бериб қўймайман -
Сени юрагамга элтаман ўзим!


РОЛЬ

Режиссер буюрди: энди мен — шайтон...
Йўқ, йўқ фариштаман, ҳали фаришта.
Оллоҳ поклигимга ҳилган йўқ гумон,
Хизматим — беминнат, ишим — саришта.

Қодир даргаҳида қобил хизматкор,
Ер-кўк орасида ҳалол югурдак,
Мулойим, кўнгилчан, ажбир, шиддаткор —
Бурчимни ўтадим югур — югурлаб.

Амр этди — лаҳзада бажардим...
— Қойил!
Баракалло!— Тангри елкамга қоқди.
Ҳаттоки меҳнаткаш, камгап Азроил
Юмушидан тўхтаб, жилмайиб боқди.

Аммо (о, "аммо"лар барига сабаб...)
Қалбимда уйғонди исёнкор шубҳа —
Нималар қиляпсан дунёни сўраб,
Етти қават кўкда ястанган шўъба?

Оллоҳга тик боқиб саволлар бердим,
Тиллари тутилди парвардигорнинг.
Нечун суйганларинг бахтиср, эркин?
Нечун куйганларинг тупроқдан хордир?

Қисмати азални манглайга ёзиб,
Ўзинг яна нечун қиласан сўроқ?..
Савол беравердим ақлдан озиб,
Фаҳмимча, биридан бири яхшироқ.

Бундай осийликни кўрмаган осмон!
Худованд ўрнида туриб кетди даст:
— Буни лаънатланглар!
Бу — шайтон!
Шайтон!
...Шу тарзда шайтонга айландим, хуллас.

Ёмон актёрмасман... Залга киргин-да,
Шайтон қиёфали ўйинимни кўр!
Ҳайқириб қоламан тамошабинга:
— Қани, ўзи чиқсин, тангринг бўлса зўр!

Сиз сиғинган худо чиқмайди — кўрқоқ!
У бутун оламга йитиқ соябон.
Ҳақиқат бор жойга қўёлмас оёқ,
Фақат минғиллайди:
— Гуноҳкор — шайтон!

Зал бўшаб қолади... Режиссёр жўнар,
Миннатдор муаллиф зиёфатига.
Мен-чи, бир шаън бахтга бўлгум муяссар
Чиқолмай шайтоннинг қиёфасидан.

Эрта режиссернинг олаяр кўзи:
— Хизмат кўрсатганинг ҳаммаси ёлғон!—
Аччиқ ҳақиқатни айтаман чўзиб,
Шундоқ бошим узра айланар тўфон.

Фаришта актёрлар қотишади донг,
Камондай тортилар директор қоши.
Ўзим қўрқиб кетиб куламан:
— Шайтон!
Саҳна билан ҳаёт кетди адашиб...

Сўнар қалбимдаги ростгўй талваса,
Қалбни шер тарк этиб, қайтади қуён.
... Худолар шайтонни сўка бошласа,
Ўйланиб қоламан ўшандан буён.

Сен ҳам ўйга толдинг.
Сен — ақллисан.
Ҳеч қачон қилмайсан таваккал исён.
Шайтонлар худоми?— аниқ билмайсан,
Аммо сенга аён:
Худолар — шайтон...


АЛПОМИШ ХУСУСИДА ШОИР ДЎСТИМГА МАХФИЙ ХАТ

Арпали чўлида Алпомиш ухлар.
Уни уйготмайман.

Уйғонса, нима иш буюрамиз унга,
Хуршид Даврон?

Укам каби Эски Жўвада писта сотадими?
Акамдай пахта терадими икки минг тонна?

Нима иш буюрамиз унга,
Хуршид Даврон?

Имонни сотмоқликни ўрганадими амакимиздан,
Ёки мукофот олмоқликнлнг йўлларини?

Аммамизнинг қилмишин кўриб,
Ўзини осиб қўяди-ку!

Нима иш буюрамиз унга,
Хуршид Даврон?

Биз билан пиво ичишни удда қилармикин,
Бировнинг китобини кўчиришни-чи?

Уни уйғотмасдан...
Ўлдириб қўйсакмикин?

Бизга нима?

Алпомиш учун
Хун олса,
Отамиз олади-да...

Аммо, отамиз қандай уйғонсин,
Алпомиш ухласа...


* * *

Эҳтиёткор одам! Ҳсй, эҳтиёткор одам!
Ёлғон керак жойда бир бор жасур бўл,
Таъзим лозим жойда бир бор мағрур бўл.
Сукут лозим жойда тил бўлсанг нетар?
Бировнинг ғамида сил бўлсанг нетар?

Эҳтиёткор одам! Ҳей, эҳтиёткор одам!
Уйқуни асрайсан — уйғонолмайсан,
Юракни асрайсан — тўлғонолмайсан,—
Дардкашлар юрти бу, қара, соғи йўқ,
Сенинг юрагингнинг нега доғи йўқ?

Эҳтиёткор одам! Ҳей, эҳтиёткор одам!
Яхшиларни ёмон домига тортди,
Ёмонларни замон комига тортди.
Тинч боқиб дунёга айёр турибсан,
Бир ямлаб ютишга тайёр турибсан...


БЕСЕҲР ЭРТАК

Биз уч оға-ини эдик,
Қўшчи эдик меҳнаткаш.
Акам бир кун ер тимдалаб,
Зерикдими, деди:— Бас!..
У сеҳрли дарё сувин
Ичаверди симириб...
Дарё бўлиб кетди акам,
Қирғоқларни емириб.

Биз уч оға-ини эдик,
Меҳнатда эдик фидо.
Ҳўкиз қувиб чарчадими,
Укам ҳам бир кун — э воҳ!—
Бир жодугар қуш ортидан
Чопавериб адашди...
Шамол бўлиб кетди укам,
Тўлдириб дала-даштни.

Дарё болам — алҳар отам,
Шамол болам — суюнар.
Менинг эса шудгор кечиб,
Товонларим ўйилар.
Минг йилларки, ҳўш ҳайдайман —
Пешонамда аччиқ тер...
Мени ҳам бир олҳанг, ота!
Мен ер бўлдим, ота, ер...


УЧИНЧИ ЎҒИЛ

Эртакларда «бир чолу камппрнинг уч ўғли» бўлади.
Бу шеър учинчи ўғил ҳақида

Учинчи ўғил,
отанг акаларингаи ардоқлайди,
сен пода боқасан.
Акаларинг пар тушакда ухлайдилар,
сен - бўсағага бошингни қўйиб.
Акаларинг маликаларга уйланадилар,
сен қурбақага уйланасан,
учинчи ўғил.

Учинчи ўғил,
акаларинг равон йулдан юрадилар,
сенинг йўлинг -
«Борса келмас».
Акаларинг аввал ғишт уйда,
сўнгра мармар қасрда,
сўнгра олтин саройда яшайдилар -
сенга тақдир чор девор ҳам кўрмайди раво.

Учинчи ўғил,
акаларингда
пул, мансаб оғайнилар, катта қорин,
соғлиқ бўлади -
Сенинг ёлғиз Ватанинг...

Учинчи ўғил,
акаларинг виждонларини, инсофларини,
инсонликларин, умрларини сотадилар -
сенинг ёлғиз Ватанинг бор -
Ватанни сотиб бўлмайди.

Учинчи ўғил,
бу шеърни ёзганимни билиб қолишса,
катта акам,
кичик акам
мени умр буйи қийнайдилар -
еганим оғу бўлади,
аммо
жонни тикиб қўяман имзо:
Бу шеърни ёзган мен - Усмон Азимов -
учинчи ўғил!


* * *

Чап кўксимда юрак.
Чап қўлим билан
Қушга дон тутаман:
— Қўрқма, қуш, донла!..

Ўнг кўксимда эса
Даҳшатли бўшлиқ
Ҳеч кимга ишонмай ҳувиллаб турар.
Юраксиз ўнгимга
Садоқатли қул —
Ўнг қўлим
Милтиқни
Пайпаслар — муздай...

Иккига бўлинар
Шўрлик қушча ҳам:
Чап томони қўнар донли кафтимга,
Ўнг томони ҳамон шохда турибди.
Ўнг томони менга сира ишонмас,
Ҳувиллаб турибди ўнг томонида,
Хиёнат қолдирган
Қўрқинчли бўшлиқ.


* * *

Чопқир-чопқир елларга
Ҳавас қилгандим, аммо
Тошга оёқ қўйсам ҳам
Тизгача ботиб кетдим.
Дунё, тинч кунлар бер деб,
Қилган эдим илтижо —
Тинчлигимни оловнинг
Бағрига отиб кетдим.
Дўстларинг имонини
Сотишди, сен — бахтлисан,
Бахтлисан — дунё кийса
Оқми, қорами кийим.
Балки сен ҳам ҳақлисан,
Балки сен ҳам ҳақлисан,
Сен шунча ҳақлисанки,
"Аблаҳсан" дейиш қийин...


ХИЁНАТ

Хиёнатнинг юзи чиройли,
Лабларида майин табассум,
Сўзлари ҳам самимий —
Айни
Садоқатдай камтар, камсуқум.

Ўларимда
Келар хиёнат,
Меҳр каби қийнар ўзини.
Хўрсинганча —
Дўстдай беминнат —
Юмиб қўяр очиқ кўзимни.


* * *

Нима ҳам берардим мен сенга, дунё,
Сенинг бозорларинг —
Бойвучча келин.
Дунё бозорларин одамлари-ҳо,
Олинг, юрагимни сотгани келдим!

Сиз — қимматбаҳосиз,
Мен — арзон, арзон.
Сизга балки фақат юрагим арзир.
Сиздан сўрамайман ҳақига осмон,
Фақат осмон каби юксалинг, ахир!

Сиз менинг қўлимга тутасиз ханжар:
— Кес!—дейсиз.— Парчала! Ташла қиймалаб!
Ўрганиб қолгансиз нега, одамлар,
Олмоққа юракни майда-майдалаб?

Бозорни тўлдириб оғрийди жоним...
Барибир ташаккур,
Барибир раҳмат!
Дунё бозорига келган инсоним,
Менинг юрагимни аяма фақат.

Юракни сўйсалар — топилмас гувоҳ,
Ҳар ким бу юракдан
Олар керагин.
Мен сизни кечирдим...
Сизда не гуноҳ?
Ўзи улкан бўлса менинг юрагим.


* * *

Шамолнинг бағрида боғман — деворим йўққа ўхшайдир,
Довуллар силкитиб кўрди — ғуборим йўққа ўхшайдир.

Бу саҳродир менинг қасдимда ҳар дам бостириб келгон,
Ўзимман бир биёбонда — қаторим йўққа ўхшайдир.

Яшил баргим қанот ёзса, хазон фасли келиб етгай,
Тўкил, эй барг! Тўкил, эй, барг!— баҳорим йўққа ўхшайдир.

Куним ёмғир кутиб ўткай, туним бир қатра шабнамни,
Ёниқ қумзордин яқинроқ — хуморим йўққа ўхшайдир.

Қайдадир соҳилинг, дарё? Сенингсиз бу биёбонда
Хазон бўлғай таним, аммо мадорим йўққа ўхшайдир.

Хиёнат боғига учди у қўрқоқ булбули расво,
Бу саҳро растаси ичра бозорим йўққа ўхшайдир.

Нигорим кел, назар ташла, менинг қутлуғ хазонимга,
Олов бўлмоқдан ўзга ҳеч шиорим йўққа ўхшайдир.


1952 ЙИЛ...

Февралнинг охири. Ҳали изғирин.
Ҳали босинқираб ухлар боғчалар.
Елкалар соғинган баҳор ёмғирин,
Хушнуд қанот қоқиб учар зоғчалар.

Февраль совуғида турар бир аёл,
Асфальтнинг устида кўчи-кўрони.
У баҳор ҳақида суради хаёл.
— Кела қол...—
Чорлайди нурли дунёни.

Унга иссиқ уйдан боқади риё,
Қонсиз қўлларида қон юқи қатрон.
Деразадан чўчиб чекинар зиё,
Қадами секинлаб тўхтайди замон.

Риёнинг лаблари қимтилган — ўжар,
"Ҳақ" дейди — тилидан кўчади зулмат.
— Аёл, уй меники,
Сенга — қиш, кўча,
Даврон меникидир,
Сенгадир кулфат.

У кулар — ҳеч кимдан қилмайди ҳазар,
Бошига гулчамбар тақар рўёни.
Хиёнат қалами қўлида, ёзар —
Ёлғонга ўргатар содда дунёни.

Уфққа тирмашар чақалоқ баҳор
Ям-яшил вужуди бирам озода...
Аммо бунда феврал. Аммо ҳали қор.
Ҳали узоқларда Мақсуд Шайхзода.


МАНГУ ЙЎЛ

Қизил чироқ — йўл йўқ. Тўхтагин!
Қизил чироқ — эшиклар ёпиқ.
Нима қилай — мени севмадинг,
Қизил чироқ кўзингда ёниқ.

Юлдуз кимга керак, Улуғбек?
Бевақт боқдинг самога чанқоқ.
Сезмайсанми: само йўли берк,
Курраи арз — қип-қизил чироқ.

Қандай қилиб учдинг, Гагарин,
Боқарди-ку, бошингдан мудроқ,
Ўргатганча яшаш тартибин,
Фалак — улкан, қип-қизил чироқ.

Кўзларимга келмайди уйқу,
Йиқиламан, қиламан парвоз.
Юрагимга солади ғулу
Қизил чироқ — қордай оқ қоғоз.

Бошлиқ, сенга қилишар таъзим,
Ичларида сўкишар бироқ,.
Рост гап деган телба тўлқин, жим!
Мансаб! Қизил, қип-қизил чироқ.

Яшаркансан, ёниб, курашиб,
Юрагингни чорлар йироқлар.
Йўлларингда ётар қалашиб,
Майда-чуйда қизил чироқлар.

— Кетдик!..
Аммо милиционер...
— Кўрмайсанми, укам, берк эшик..
— Мана, қалбим, майли, тешавер...
Юрагимда саноқсиз тешик.


РИВОЖЛАНИШ

Тунни тонг ўлдирди,
Тонгни шом ўлдирди.
Шомни бўғди тун...
Нима учун?
Нима учун,
Шомнинг қўли қон...
Тонгнинг қўли қон...
Бор-йўғи бир қадам қўйдингми,
Бсшафқат замон?


* * *

Дедилар: яшамоқ — умрлик кураш...
Курашдим — шон учун, ризқу рўз учун.
Курашдим севги деб — кўксимда оташ,
Курашдим — қуш каби эркин сўз учун.

Умрим ўтиб кетди жанг-жадал аро —
Қалб ором билмади, тинмади қўлим...
Бугун бир сесканиб танидим — эвоҳ,
Рақибим, наҳотки, сен эдинг, ўлим?


* * *

Беҳишт гулшанлари топдилар завол,
Қиёмат гулларни айлади ғорат.
Сен, эй, фаришталар ҳамдами — аёл,
Дўзахда қолганинг бўлсин муборак!

Дўстларинг бор эди — пайғамбар, расул —
Ҳар бири ўзича яратган олам.
Эй, подшоҳ қисматга садоқатли қул,
Қутлуғ бўлсин янги шайтон дўстлар ҳам.

Уни-ку гапирмай... Ўтди у — эртак,
Ўтли ҳисларини пойингга ёзди.
Сен, эй, оловларда музлаган эрка,
Музда уйғонишнинг лаззати созми?

Ҳали либосимиз кўкдир, қародир,
Ҳали хотиранинг йўллари чақин.
Биласан, марҳумлар кўп бечорадир,
Хиёнат, алдоқни қилмаслар тахмин.

Қовоққа не учун ранглар тортилмиш,
Не учун ўсмага чўмилмиш қошлар?
Ҳуснингни шарафлар бегона олқиш...
Қутлуғ бўлсин энди қуриган ёшлар.

У билан яшардинг мусаффо, қайноқ,
Висолда — бахтиёр, ҳажрда — бесабр.
Буюк садоқатга, эй, собиқ байроқ,
Энди хиёнатнинг роҳидан гапир.

Ахир, айтаверсам дардим зиёда,
Марҳум дўст иззати танимда жондай.
Дўстимни кузатган бебахт пиёда,
Юмшоқ "Жигули"нинг роҳати қандай?

Менинг кўзларимга қарайсан ҳалол,
Кўзларинг порлайди, юришнинг завқли...
Шайтонлар ҳамдами, фаришта аёл,
Наҳотки унутиш шунчалар завқли?


* * *

Ўт ёқдим. Туташди шоху шабада —
Гулханда ланг ёнди туннинг парчаси.
Боқдим — қоронғулик ётар дунёда,
Менинг қаршимда-чи, куннинг дарчаси.

Зулматда бу тоғлар кўп ваҳимали!
Улардан чўчибми ёққандим гулхан.
Боқсам — ўлтиришар болалар каби,
Гулханга қўлларин тоблашиб дам-дам...


ҚУШ ҲАҚИДА БАЛЛАДА

Қуш баланд учарди,
Жуда ҳам баланд.
Қаноти бор эди қушчанинг, ёҳу!
Аммо коинотга боқиб беписанд,
Ерда бир юрмоқни қиларди орзу.

Юксакликнинг сўнгги чегарасида,
Заминга термулиб учар эди қуш.
Совуқ юлдузчалар тегарасида
Тўзғиб қолишарди муаллақ, беҳуш.

Қоп-қора зулумот ичра ярқираб,
Музлаган коинот билан басма-бас,
Учаркан зулматга тумшуғин тираб,
Ерда юрмоқликни қиларди ҳавас.

Фалакда нима бор — ҳаммаси аниқ:
Бу дунёдан нари — аксулдунё бор.
Чексизлиқда нари яна чексизлик —
Фақат бири — музкор, бири — оловкор.

Қушча қичқирарди бўшлиққа қараб,
Фазога нидоси кетарди сингиб.
Буюк бир соғинчда бир ўзи, ёраб,
Ҳеч кимга опамас, ҳеч кимга сингил.

Туртиниб ўтарди қанотларига,
Музнафас шамоллар — тош каби ўлик.
Қушчанинг ҳаётбахш баётларига,
Ҳеч ким жўр бўлмасди юраги тўлиб.

Қатланиб ётарди карахт ҳаволар,
Тахланиб турарди беҳисоб осмон.
Қушча бўшлиқларга отиб нидолар,
Ерда бир юрмоқни қиларди армон.

Қуш ҳали заминни кўрмаганди, йўқ,
Тубсиз бўшлиқлардан топганди ҳаёт.
Ана, замин учар ловуллаб — кўм-кўк...
Бир боқсанг саробдай эрийди сабот!

Сабринг жаранглайди — зўриқиб таранг,
Ер шундай яқинки...
Ирода сўнар!
Қушча соғинчлардан маст-аласт, гаранг,
Заминга — бир ўтлоқ устига қўнар.

Қуш ҳали заминни кўрмаганди, ҳа,
Фалак эшитмасди фарёдларини.
У яшил ўтлоққа оёқ қўйди-да,
Ёндириб юборди қанотларини.

Йўловчи тўхтади ҳайратдан қотиб,
Юзига урилди гулхан тафтлари.
Олов ямлаётган қанотга боқиб,
Негадир титраниб кетди лаблари.

Сўнг суҳбат қурдилар қуш билан инсон,
Бир парча ўтлоқнинг устида бахтли —
Одамга қуш Ердан сўзлади шодон,
Одам эса қушга кўкдан гапирди.


ТУРДИ ФАРОҒИЙ

Саҳарнинг салқинини
Ўтга отди саратон.
Саҳронинг ўртасида
Шамол қовжираб ёнди.
Сабрнинг гавараси —
Саксовул — шўрлик армон —
Куймаган бир сен қолдинг,
Ёнмаган бир сен қолдинг.

Бархан пойида отим
Хириллаб бермоқда жон,
Ёлларига ёпишган
Гармсел шундоқ қондир,
Чилпарчин бўлиб ётар,
Бухор устида осмон —
Чилпарчин бўлмоқликка
Кўнмаган бир мен қолдим.

Ўляпман, саксовул, ҳей,
Айтсам армонларим кўп.
Бу элни, бу тупроқни
Улоқ қилиб чопишди.
Ўляпман. Бошим узра
Калхатлар учар тўп-тўп.
Эчкемарлар теграмда
Ҳайкал каби қотишди,

Кўксимда оташ қайнар,
Бўғзим бормоқда ёниб.
Тилу дилнинг ораси
Олов билан туташди.
Уларимда буюк сўз
Дилда туғилди аниқ!
Бир сўз... Бир сўз... Охири
"Осмон"гами уйқашдир.

— Ўзбекистон!
Мозийлар
Қабрларда тўлғонди,
Ўзига бир тикилди
Бефаҳм, овсар замон.
Оталарнинг белида
Келажаклар уйғонди,
Бухоронинг устида
Осмон... Бус-бутун осмон.


БИТИК ТОШЛАР ОРЗУСИ

Қоғозларга ёздим... Қоғозлар ёнди.
Бу сирни ўйладим — топдим, ниҳоят:
Мен Усмон эмасман, Алптегинман — мен,
Энасой бағрида тўлғонган ғоя.

Қоғоз ярамайди менинг кунимга,
Қоғозга кўчмайди ёнаётган юрак.
Шалвираган қоғоз керакмас менга,
Дардимни битгани менга тош керак.

Шамоллар қуритди кўзимдан ёшни,
Йилларнинг қатидан охир отди тонг.
Асрлар шафақдай чулғади бошни,
Миямга ўқ каби санчилди-ку онг.

Менга бир тош керак — осмон каби кенг,
Ғазаб каби оғир, ғамдай бенаво...
Менга бир тош топиб беролмадинг, сен —
Тошлари тупроққа айланган дунё.


* * *

Она, келганингизда
Кўйлак олиб бермадим...
Пулим йўқ эди, она.

Она, келганингизда,
Очилиб гаплашмадим...
Вақтим йўқ эди, она.

Она, келганингизда
Кулиб-кулиб юрмадим...
Бахтим йўқ эди, она.

Она, келганингизда
Йиғламадим ўксиниб...
Ҳаққим йўқ эди, она.

Она, бахтиёр бўлинг!
Сизни қўлласин тақдир.

Она, бахт ўзи нима,
Она, бебахтлик надир?..


ЙИРТИЛГАН ХАТ ПАРЧАСИ

Оҳ, қанотли яралганлар
Етмагайлар фалакка...
Она, менинг қанотимни
Бўрон толдиргани йўқ,
Она, менинг қанотимни
Ағёр ёндиргани йўқ.
Аммо, она, бир сиқим кул
Тўзғиб учар юракда.
Ҳаволарга боғлагандим
Юксак баётларимни,
Самоларга чоғлагандим
Учқур хаёлларимни —
Она, менинг қанотимни
Ағёр сидиргани йўқ,
Учиш шавқи ўтга солди
Гулдай қанотларимни...


ИЛК ШЕЪРНИНГ ЁЗИЛИШИ ҲАҚИДА БАЛЛАДА

Кўкда учар қирқта кабутар,
Бир ўспирин югурар ерда.
Қушлар билан манзиллар ўтар,
Ўтиб борар даладан, қирдан.

Қирқ кабутар фалакда учар,
Бир ўспирин югурар ерда.
Осмон билан ер фарқи ўчар,
Ҳар қадами айланар шеърга.

Уфқларга ташлаб кўз қирин
Қирқ кабутар учади тинмай.
Югуради ерда ўспирин,
Қирқта қушдан кўзини олмай.

Машриқ тараф қорая бошлар,
Мағрибда-чи, шафақ сўнади.
Кабутарлар осмонни ташлаб,
Бир ялангга келиб қўнади.

Улар ечар қуш либосларин —
Қирқта пари бўлади пайдо.
Бутазорлар аро ўспирин
Термулади уларга шайдо.

Эшитилар қандайдир бир куй,
Шўх янграйди танбурми, чилтор.
Қирқта пари — тонглардай хушрўй —
Базм бошлайди, айтишиб алёр.

Ой нурида сочлар йилтирар,
Куй мавжида буралар беллар.
Кўйлаклари шўх-шўх ҳилпирар,
Қўшилганда рақсга еллар.

Қирқта пари қирқ гулхан ёқар,
Қирқ муқомда қилади хиром.
Бутазордан ўспирин боқар —
"Оҳ"лар уриб қўяр ҳар замон.

Юрагида уйғонган баҳор,
Ўрай бошлар ёғдуга бошин —
Шунда елдай келиб беозор
Қўлга олар бир қуш либосин.

Тўзғиб-тўзғиб туннинг қаърида
Учадилар парилар шошиб.
Бири қолар яланг бағрида
Қўлларини ҳавода ёзиб.

Алангадир ўспирин кўзи —
Паризодга тўймай тикилар.
Ой нуридай қалтираб, тўзиб,
Оёғига келиб йиқилар:

"Севаман", дер, сўрайди шафқат,
Сўзлар айтар шириндан ширин.
Пари эса ёлворар фақат:
— Либосимни қайтариб беринг!

"Севаман", деб йиғлар ўспирин,
Пари эса аврайди:
— Ўғлон,
Гар ваъдангиз ҳаётдай ширин,
Ер — сиздандир, мендандир — осмон.

Осмон билан ўйнашманг — қўрқинг,
Кўз ёш тўкманг, ишқдан урманг лоф
Ҳали-замон қудратли қўшин —
Қўзғолади бутун Кўҳи Қоф...

"Қўрқмайман!", дер ўжар ўспирин,
Қушлимбосни қўчади маҳкам.
Пари эса ёлворар бетин:
— Либосимни беринг, эй, одам!

Силкинади ҳозир бу жаҳон,
Зулмат чўкар, бўрон елади.
Ўғлон, сизни этгани қурбон
Учиб лак-лак девлар келади...

"Келаверсин!"— ёнар ўспирин,
Пари ўйлар минг ҳийла-макр:
— Энди сизга очай бир сирим —
Пари зоти бевафо, ахир!

Жамолимга бир қаранг-чи, оҳ!
Бир боқишдан асир бўлмас ким?
Бу тун биров васлимга муштоқ,
Эртага-чи, бошқада севгим.

"Чидайман...", деб инграйди ўғлон,
Ғижимлайди қақшаб кўксини.
Пари унга боқар беором,
Аллақандай титраб, ўксиниб:

— Биз тушганмиз эртак маҳрига,
Парилар — руҳ, йигит, сиз — вужуд.
Дучор бўлманг худо қаҳрига,
Қолманг абад дўзахни қучиб.

"Майли,— дейди ўғлон,—шу тақдир —
Ишқ йўлида худо йўқ — тамом!"
Хўрсинади бечора пари,
Югуради ялангда ҳар ён:

— Барча гапим ёлғондир, ёлғон,
Қора қилманг шаън ҳаётимни.
Яшолмайман, ахир беосмон,
Ука, беринг шу қанотимни.

Девлар сизга бас кела олмас,
Кўҳи Қофдан балки сиз азиз.
Аммо эрксиз сиз ҳам бир қафас,
Қанотимни, ука, берсангиз...

Эрк! Кўзларин юмади ўғлон,
Тебранар бир тўлқин мавжида.
У майсага ўхшайди шу он,
У гулларга ўхшайди жуда.

— Ол!—парига либосин тутар...
Учиб кетар лаҳзада пари.
Учиб кетар оппоқ кабутар,
Эркинлиги — осмони сари.

Кўзи чақнаб болакай қайтар,
Кўксида Ер, Осмон оқади.
Адашмасдан айни тонг-саҳар,
Эшигимни келиб қоқади.

Гаплашамиз осмон ҳақида,
Унинг тили найдир — бўзлайди.
Гоҳ куйлайди қушлар бахтидан,
Баъзан тўхтаб ердан сўзлайди.

Баҳслашади кўксига уриб,
Ниманидир ўйлар, мўлтирар.
Кейин мени бир четга суриб,
Столимга келиб ўлтирар.

Нурга тўла бошлайди олам,
Гувиллайди соҳилсиз ҳаёт...
Илк шеърини ёзади бола
Бахш этгани ҳаммага қанот!


ГАРРИНЧА

Қарсаклар ёғилди менинг шаънимга.
Зарб!.. Зарб!.. Дарвозабон тош каби қотди.
Бир сурур ҳайқириб кирди танимга,
Стадион ўзин фалакка отди.

Қувончи кам дунё, иқболни ҳам кўр,
Яшил майдон, копток...— Мана шу иқбол!
Ҳамон карахтликда силкинади тўр,
Ҳамон дарвозабон ётибди беҳол.

Ҳимоячи менга ғижиниб боқар —
Мағлуб ғазабларни кўришдан бездим!
Дўстларим табриклаб елкамга қоқар —
Пеле ва Дидининг қўлларин сездим.

Рақиб ечолмагай хаёлида ҳам,
Менинг алдашларим калаваларин.
Даҳонинг ўйини ҳамиша улкан,
Санъатдир даҳонинг ғалабалари...

Ям-яшил майдонда чиқар қуёшим,
Ям-яшил майдонда қуёшим ботар.
Ишқибозлар, ана, чангаллар бошин —
Бири шляпасин бурдалаб отар.

Рақиб нақ устимга келар тўп суриб,
Чапга!.. Ёнгинамдан ўтади қушдак.
Ҳақорат селидай келар бостириб,
Бошимга жаладай ёғилар ҳуштак.

Тренер ғижиниб ушлар кўксини...
Тўп — менда! Гарринча осон ўлмайди!
Ерга йиқиламан яна ўксиниб...
Энди рақибларни алдаб бўлмайди!

Тренер қўл силтар... У ҳақ, албатта!
Сўнг бор тўпга боқдим майдон четидан...
Даҳо мағлублиги, о, мудом катта —
Ғалабалар унут бўлади бирдан.

Футбол! Мени асра шу футбол ҳаққи!
Наҳот, хатоларга кунларим боғлиқ?
Умрим — юзга ногоҳ тушган тарсаки,
Ям-яшил майдонда қолди даҳолик.

Гарринча! Полиснинг ёнди кўзлари.
Тун бўйи маҳбуслар тинчини бузди:
Қамоқ деворига тўқмоғи билан
Менинг финтларимнинг расмини чизди.

Ҳаёт гувиллади. Айланди бошим,
Панжаларим аро бахт елдай оқди.
Ароқ сўриб олган кераксиз лошим,
Тунлар стадион эшигин қоқди.

Менга очилмагай қайта бу эшик...
Стадион! Қара! Бу мен — Гарринча!
Менга тўп текканда қалқигансан тик,
Қарсаклар чалгансан қўлинг толгунча.

Мени танимайсан, қилмайсан парво,
Қўй мени... тегрангда бир оз кезаман...
Ахир, сени кўрсам, елкамда ногоҳ
Пеле ва Дидининг қўлин сезаман.


СТАДИОН

'Пахтакор"нинг ҳалок бўлган ўйинчилари хотирасига.

Ёмғирлар қуяди.
Қор ўтар ёғиб...
Мен-чи, топганим йўқ, ҳануз юпанч сўз.
Шаҳар ўртасида фалакка боқиб,
Киприк қоқмай ётар
Умидвор бир кўз.


* * *

Ҳа — осон.
Йўқ"— қийин.
Умр эса битта.

"Ҳа"— ёлғон.
"Йўқ"— виждон.
Умр эса битта.

"Ҳа"— фақат ўпканг қолади кўксингда.
"Йўқ"— фақат юрагинг.

У "йўқ" деди.
Чунки
Аниқ биларди
Умри битта эканлигини.


* * *

СОБИР ЯДИКОВГА

Деразанинг пардасин суриб,
Тонгда боқдим уфққа бекор...
Мен билмабман бепарво юриб,
Тоғ бошига қор тушибди, қор.

Деразадан тоғларга қадар,
Узунлиги ҳаётимча йўл.
Бир даранинг устида каптар
Чарх уради — қанотлари ҳўл.

Ярақлайди қишли, қуёшли,
Нур ва қорга беланган олам —
Унда мени жим соғинади
Кўз ёшлари тугаган онам.

Деразадан бери — тўрт девор,
Тўртови ҳам доно, файласуф:
"Курашавер! Фақат олға бор!.."
Улар менга таълим берар... Уф!

"Тўғри" дейман... Аммо бир ларза
Қалбда портлар — кўздан оқар ёш...
Юрагимда соғинч ҳар лаҳза —
Улканлашиб боргучи қуёш.

… Хайр, тоғлар! Иш вақти етди,
Иш!.. Бормасам тўхтайди замон.
Бағрингизда кўримсиз, митти
Тепа бўлиб қоламан қачон?


БУЛБУЛГА АЙЛАНГАН ОДАМ ҲАҚИДА БАЛЛАДА

Бу одам гулларни жуда севарди —
Хонасида гуллар қийғоч, ранг-баранг.
Ишидан шошилиб қайтиб келарди,
Сўзлашгани эрка гуллари билан.

Кўнгил қўйишганди унга гуллар ҳам,
Келдими, ўзгача тарашарди бўй.
Ранглари янада тортарди кўркам,
Ёмғир ёққан каби чўзишарди бўй.

Гуллар меҳр қўйса одам ҳам ўсар —
Кўксида тобора юксаларди қалб.
Ҳар барг шивирининг маъносин сезар,
Суюб япроқларга теккизарди лаб.

Бу киши жуда ҳам ухларди сергак:
Бир тун уйқусида эшитди аён —
Булбул сайрар эди деворни қаргаб,
Деразага тўшин уриб ҳар замон.

Гуллар чайқаларди — интиқ, безовта.
Сўнгги тоқатлари борарди эриб.
Титраб туришари (дардлари катта!),
Деразага шундоқ бағрини бериб.

Деворлар қулагай гуллар йиғласа,
Дераза сув бўлгай булбул урса тўш...
Одам кўзларини очиб қараса,
Қатор тувакларнинг ҳаммаси бўм-бўш.

Равоқда сайрарди булбул, сайрарди,
Дерди:— Куйиб битсин бу хона-қафас...
Гуллар деразага нигоҳ ташларди,
Жим-жит туришарди, хўрсиниб бесас.

— Сизнинг ишқингиздан бағрим доғларда,
Вой, гулим!— оҳ урдим — ёришди тунлар.
Балкондан бир сакранг — кетдик боғларга,
Бекинманг деворнинг қаърига, гуллар!

Хонада каравот ғамгин ғижирлар,
Равоқда рози дил тинмайди бир дам.
Гуллар титраб-қақшаб ночор пичирлар;
— Бизсиз не бўлади бечора одам?

— Одам...
Сайрашидан булбул тўхтайди.
— Одам...
Яхши одам!..— такрорлар гуллар
— Булбул, у ҳам сенга жуда ўхшайди,
Бизсиз ўлдиради шўрликни мунглар.

Ёзнинг сўнгги тонгги боради тугаб,
Зар муҳрин босади куз илк япроққа.
Булбул ўз дардидан кул бўлиб, тутаб,
Куйлаб учиб кетар узоқ-узоққа.

Қунишиб туришар гуллар бир лаҳза,
Хонага тортиниб киришар ночор:
— Қаддингни тиклайвер, девор, дераза,
Мана, турибмиз-ку, тувакда қатор...

Уларга миннатдор боқади одам,
Аммо пирпирайди негадир лаби:
Гулларни қучоқлаб олади бир дам —
Худди севгилисин топгани каби.

Гулларга одамнинг қучоги тўлар...
Гандираклаб ташқари қадам ташлайди,
Қайрилиб нимадир демоқчи бўлар,
Ва ногоҳ... булбулдай сайрай бошлайди.


* * *

Кун ботиб, ой чиққанда,
Ойдай гўзал жувонии
Осмон каби бағримга
Босиб, баландлаб кетдим...

Бахтли эдим — йиғлардим
Юлдузларни оралаб,
Томчи ёшим фалақда
Юлдуз бўлиб чақнарди.
Йиғлардим — битар эди
Куксимдаги яралар,
«У қанотсиз учмоқда», деб
Қушлар мени мақтарди.
Унинг сочин тарар эди
Тунга қоришган шамол,
Лабларимнинг чанқоғини
Туйиб-туйиб босардим.
Ҳатто аксулдунёлар ҳам,
Боқишарди бизга лол.
Муштарийми, қай бир юлдуз
Поёндозлар ёзарди.
Теграмизда не баҳорлар
Учарди гуллар сочиб,
Не кузаклар сарғайганча
Қочиб қоларди пинҳон.
Туртта уфқ турт тарафда
Турарди қучоқ очиб —
Чунки менинг қучоғимда
Ойдан ҳам гўзал жувон...
У кечанинг хаёлида
Ўтмоқда менинг умрим:
— Мен қанотсиз учган эдим...
Дўстлар кулар бетоқат.
Фақат қуцшар мени курса
Сайрашади бетиним —
Менинг қандай учганимни
Улар эслашар фақат.


АЁЛ МАКТУБИ

Қўлларим гуллаган эди, баҳорим,
Қара, гуллаб турган қўлларим хазон.
Бўйнингга осилиб гуллаган эди,
Бағрингда ёзилиб гуллаган эди,
Кетдинг, икки қўлим сарғайди бежон.

Айтсам, чидолмайсан қалбим дардига!
Қўлларим ҳолидан сўзлайин фақат:
Кирларингни ювиб гуллаган эди,
Дардларингни қувиб гуллаган эди —
Бугун ҳаволарда қотди муаллақ.

Қўлларим... қўлларим соғинди... Ёмон!
Сен қайдан биларсан қўллар соғинчин!
Улар беҳаракат қотишар бирдан,
Улар титранишар безовта, пурғам —
Бармоқлар оҳ уриб, йўқотар тинчин.

Уззу кун икки ғам менинг ҳамроҳим,
Уззу кун ёнимда иккита бева —
Шомгача ғамларин ишга айтишар,
Тонггача соғинчин тушга айтишар —
Икки Лайлишева — икки шўршева.

Келиб қўлларимдан хабар олгин, оҳ,
Йўлларингни пойлаб кўзим йиғлайди,
Хатларга битганим — сўзим йиғлади —
Аммо биз учрашсак қўлларни кечир,
Улар йиғламоқни билмайди асло...


БАЛЛАДА

Қулаб тушди ирода — зиндон,
Эркка чиқди бу сўз —"Севаман!"
Мен жўнатдим уни сен томон,
Симёғочлар карвони билан.

Симёғочлар карвони кетди,
Тун бағрини бир-бир оралаб...
У сўз тонгда шаҳрингга етди,
Эшигингни борди қоралаб.

Шитирлади ҳовлинг тўла куз,
Шитирлади хазонлар — жонли.
Остонада кичкина бир сўз —
Сен сесканиб йиғладинг, жоним.

Рўпарангда у бош эгди жим,
Ҳориб келди — узоқ эди йўл.
Сен ёшингни арта билмадинг.
"Салом" ҳам деб узатмадинг қўл.

Ярадор қуш — овозинг титрар.
Шивирладинг аранг:— Кечиринг...
Ўпди ёшли юзу кўзингдан,
Қучоқлади елкангдан эринг.

Мен кутаман... Куз бўлар абас,
Қор, изғирин билан бўзлашиб —
Кўчаларда тентирайман маст,
Хотиралар билан сўзлашиб.

Йўқ, сен мени жуда севасан!
Фақат ёмон қишнинг тўфони —
Балки симлар узилиб қолган,
Балки адашгандир карвони...


* * *

Тонг чоғи тун билан кундуз учрашди,
Тунда армон билан юлдуз учрашди,
Баҳор билан кузак — бахтхуш учрашди,
Тошлар учрашдилар, биз учрашмадик.

Булут замин билан йиғлаб учрашди,
Шамол куртакларни илғаб учрашди.
Висол ҳижрон билан минглаб учрашди,
Ёшлар учрашдилар, биз учрашмадик.

Ўлик зил тупроқни отди кўтариб,
Ғофил тирикларни топди ахтариб,
Йўқлик ва борлиқни оралаб, ғариб —
Бошлар учрашдилар, биз учрашмадик.

Сархуш ари билан учрашди гуллар.
Эрка шодлик билан учрашди мунглар,
Нигоҳлар, багирлар, лаблару қўллар,
Қошлар учрашдилар, биз учрашмадик.

Ёнингда турнбман далли девона,
Ёрим-а, кетдими ишқ ёна-ёна?
Мен сени қучаман... Совуқ, бегона —
Лошлар учрашдилар, биз учрашмадик.


БАҲОДИР ВА МАЛИКА

Баҳодир, мен сен билан суҳбатдош бўлгандим.
Дунёларни денгиздай юрагингга чўктириб қўйгандинг...
Аммо, ўзинг Амударёга чўкиб кетгандинг.
Укам, шу шеърни сенга бағишладим.
Малика, мен сени кўрганим йўқ. Сен ўз севгингга ғарқ бўлдинг...
Синглим, шу шеърни сенга бағишлайман.

Ўғлинг бўлса, олтин ошиқ ўйнаган,
Қизинг бўлса, ўз ҳуснига тўмаган.
Худо бизнинг нигоҳимиз қиймаган —
Армонлар айланиб осмон бўлдилар,
Осмонлар айланиб армон бўлдилар...
Баҳодирнинг шеъридан

БАҲОДИР
— Етти кеча-кундуз чўкиб боряпман,
Етти кеча-кундуз чўкиб боряпман,
Амунинг тубига етолмайман ҳеч.
Етти кеча-кундуз чўкиб боряпман,
Даҳшатли бир шеърни ўқиб боряпман —
Орол сари оҳиб кетолмайман ҳеч.

МАЛИКА
— Етти кеча-кундуз чўкиб боряпсан,
Етти кеча-кундуз чўкиб боряпсан —
Умрим бир бенажот ранжларга тўлди,
Етти кеча-кундуз чўкиб боряпсан —
Менга даҳшатли шеър тўқиб боряпсан,
Тошкент кўчалари мавжларга тўлди!

БАҲОДИР
— Бўғзимга сув тўлди, кўзларимга қум,
Чўкиб бормоқдаман етти кеча-кун.
Бағримга юз босди балиқлар — совуқ.
Чўкиб бормоқдаман етти кеча-кун,
Наҳотки, умримдан кетди кеча-кун —
Аммо кўз олдимда кўзларинг ёниқ.

МАЛИКА
— Аммо, кўз олдимда кўзларинг ёниқ,
Аммо кўз олдимда кўзларинг ёниқ...
Етти кеча-кундуз чўкиб боряпсан,
Сени ямламоқда бир дарё — аждар,
Тиллари ханжардир, мавжлари ханжар —
Менга Навоийни ўқиб боряпсан.

БАҲОДИР
— Наҳотки, тасодиф шунчалар азим,
Олиб қололмади мени Хоразм —
Етти кеча-кундуз чўкиб боряпман.
Фарзандин танимас бу телба Аму
Сенинг остонангга етмасин, ёҳу!—
Шу ўй хаёлида қўқиб боряпман.

МАЛИКА
— Аму тошгани йўқ, сен тошдинг, жоним,
Бир қалқиб саҳродан сен ошдинг, жоним —
Мана, Тошкент аро ёниб боряпсан.
Дарё остонамнинг тагига етди,
Эс-ҳушим дарёга тушдию кетди...
Етти кеча-кундуз оқиб боряпсан!..

БАҲОДИР
— Тўлқинни мен севдим, сен қўрққин, ахир,
Қочгин, хатарлидир бу тўлқин, ахир...
Ахир, кеча-кундуз чўчиб боряпман!
Сенга қолдирганим севгим — тўлғиндир,
Сенинг тополганинг, наҳот, тўлқиндир?
Сен чўкма, ахир, мен чўкиб боряпман...

МАЛИКА
— Дарё эшигимга бошин уради,
Сенинг хаёлингдай оқиб киради —
Севгидай салқини тавонимдадир.
Етти кеча-кундуз чўкиб боряпсан,
Етти кеча-кундуз чўкиб боряпсан —
Тўлқинлар сиртмоғи томоғимдадир.

БАҲОДИР
— Етти кеча-кундуз орамизда, оҳ,
Етти кеча-кундуз орамизда, оҳ,
Барибир сен менга етмоғинг гумон...

МАЛИКА
— Энди сен тўлқинсан, мен ҳам бир тўлқин,
Энди сен тўлқинсан, мен ҳам бир тўлқин —
Бир кун учрашамиз Оролда — аён...

МУАЛЛИФ
— Орол соҳилига тушганда йўлим,
Ғамгин, афтода бир тўлқинни кўрдим.
У мендан сўради: "Денгизда шу пайт
Ёлғиз бир тўлқинни кўрмадингми, айт?"
"Йўқ" дедим, у кетди югуриб сарсон...
Менинг кўзларимдан ёш оқди маржон.
Ахир, мен биламан, тақдир қаттиққўл,
Уларнинг ораси етти кунлик йўл...
Ахир, бу дунёнинг шуниси ёмон:
Ҳатто денгизда ҳам учрашмоқ гумон...


ДЕРАЗА ҲАҚИДА БАЛЛАДА

Кузакнинг бесоҳиб кечаларида
Изғиринлар елар, ёмғирлар эзар...
Дунёнинг ҳўлзулмат кўчаларида,
Тентираб кезинар ёлғиз дераза.

Ойнасида ўйнар чироқнинг акси,
Қайиқ сурати бор пардаларида.
Тентирар дераза — хазонлар босиб,
Бепарво кузакнинг зардаларига.

Саккиз ойнаси бор — саккизта туман,
Ғуссадан саккизга бўлинган сийна —
Боради чарчаган кўчалар билан
Саккизга ажралган жонини қийнаб.

Автолар ёнида ўтар зувиллаб,
Халқоблар пойида қолар сочилиб,
Боради жунжикиб, борар ҳувиллаб,
Йиғлар — мен билмадим кимга ачиниб.

Кеча мавжланади — ҳудудсиз денгиз...
(Изғиринлар елар, ёмғирлар эзар...)
Тунга чўкиб кетган тўрт тараф тубсиз...
Ночор кема каби сузар дераза.

Кўп қават бинолар чарақлаб турар,
Сассиз ҳайқиришар: "Бизлар — бахтиёр!.."
Бахтдан гангиб қолган бу чўнг девларга,
Ёлғиз деразанинг дарди не даркор?

Дераза чарчабми ерга чўкади,
Тани чиппа ботар кузак лойига.
Устидан дарахтлар хазон тўкади...
Ҳамма деразалар жойи-жойида!

Дераза қайтади пою-пиёда,
Ўтган йўлларини танимас кўзи...
Совуқ бир девор бор, ахир, дунёда,
Ўша муздай девор — қисматнинг ўзи!

Синган қанот каби — судралиб борар
Иккита пардаси — шундоқ жиққа ҳўл.
Ахир, бу дудёда бир девор бор-а,
Бедорлиги камдир, уйқулари мўл.

Ана, хуррак отиб ухлар беармон...
Дераза термулар деворга ғамгин:
— Бир кун қайтмас бўлиб кетаман, ишон!
Уйғонгин, деворжон! Уйғон! Уйғонгин!..

Дераза деворга келиб ўрнашар,
Даҳшатда қотади саккизта кўзи:
Қуриб улгурмаган дарпардалардан
Қайиқлар қайгадир кетишар сузиб...


* * *

Товусдай ялтироқ, эй гўзал йиртқич!
Мана, кўксимни йирт, мана, қоним — ич!

Кўйингда шамолдай жисмим соврилган,
Фалакда янги ой — менинг қовурғам.

Адашган қовурғам! Аллатовур ғам
Сенсиз юрагимга қадалар дам-дам.

Дам-дам кўксим туман, дам-дам кўзим нам,
Келмасанг — ўламан, келсанг — ўламан.

Кўксимга қўйдимми, қовурғам — йиртқич...
Майли, кўксимни йирт, майли, қоним ич!..


ЦИРК. МУАЛЛАҚЧИ АЁЛ

Яхшилаб қараб ол, бу бино — қафас.
Мен — қушман. Вужудим шифт сари ўрлар.
Одамлар энтикиб олади нафас,
Асабий титранар прожекторлар.

Сен бугун шу ерда — мен кўраяпман.
Ҳавода муаллақ учади таним.
Юксакка тикилган кўзлар ичидан
Мен сенинг кўзингни оламан таниб.

Оркестр жим бўлар. Фақат ноғора
Фалокат онидан бергандай хабар,
Зарбларин сочади сукут оралаб...
Қаторлар юзида қўрқув таралар.

Мен беғам яшадим. Учдим мен беғам,
Энди беғам учмоқ менга даргумон.
Хатарли ўйинга ишқибоз эркам,
Ерда юргим келар сен-ла ёнма-ён.

Бир дам қолиб бўлмас хаёллар билан!..
Танимга санчилар нурнинг тиғлари.
Исмингни билмайман, нотаниш эркам,
Фақат шифт тагида сен деб йиғладим.

Яхшилаб қараб кўр: бу бино — қафас,
Йиллар парвоз қилдим қафас айланиб.
Сен бугун шу ерда. Сен шу ерда, бас!—
Озодман!— кўзингга қолдим бойланиб.

Шўрлик ноғорачи! Қўллари толди...
Қараб тур, сен учун ўйин бошладим,
Либосим шуълалар қўйнида ёнди...
Эҳтиёт камарин ечиб ташладим!

"Мен сени севаман... Сени севаман..." —
Бу сўзлар дуодай лабимдан учди...
Нега шўрлик бошим айланди бирдан —
Кимнинг елкасини қўлларинг қучди?

Ноғорачи, чалгин! Бўзлаб қўшил, най!
Скрипка, янгра мен учун ёниб!—
Топиб йўқотганим бахт учун учай...
Елкадан қўлингни олсанг-чи, жоним!

Мен сенга айтдим-ку: бу бино — қафас,
Қўлларимни баланд кўтаргин, кифтим!
Ўзимни баландга отаман бесас...
Ёрилиб кетади бинонинг шифти!

Мени олиб учар лаҳзалик бахтим,
Фалакка боқаман — хаёлдай кўм-кўк.
Қанотим сезмоқда қуёшнинг тафтин,
Энди бу қафасга ҳеч қайтмайман... Йўқ!

Тўзғин сочларимда шамол шовуллар,
Кўзимда акс этар юлдузлар — милён.
Фақат юрак-бағрим тутаб ловуллар,
Уйингга нигоҳим тушса ногиҳон.

Вужудим кетади бирдан увишиб,
Қўлларим силкинмас, толиқар кифтим...
Томингга қўнаман ҳар кун қунишиб —
Қачон ёрилади уйингнинг шифти?


* * *

Халойиқ ортингдан боқади ҳайрон:
Куйлагинг узуну плашинг калта,
Бир қўлингга тутиб зангор соябон.
Бирида қаппайган одми тўрхалта —

Ўтиб кетаркансан сен буюк аёл:
Сен кимлар учундир бир покиза туш,
Сен кимлар учундир армонли хаёл...
Мен-чи? Сени ўйлаб яшайман беҳуш.

Майсаларнинг ранги учди ёдимдан,
Унутдим ҳаётнинг қутлуғ исмини.
Ҳаёт ўтиб борар менинг ёнимдан,
Титроқ қўлларимдан юлқиб тизганин.

Сен ҳам ўтажаксан... Кучаларда мунг,
Қалбимда қолади ғамгин наволар...
...Ахир, сенсиз қандай яшамоқ мумкин?
Нафас олай десам, тошдир ҳаволар.


* * *

Агар одам бўлсанг, гапимга тушин,
Агар худо бўлсанг менга йўл кўрсат.
«Севаман» сузини эшитмоқ учун
Чорак умрим ўтди ҳижронга улфат.

Кимга ака, кимга биродар бўлмоқ —
Қисматим — рухсат бер — этайин парчин.
Бировни дўст билиб, меҳрга тўлмоқ,
Энг буюк, энг гўзал хислатдир гарчи.

Акалик, жўралик тегди жонимга,
Гоҳида тирилиб, гоҳо бериб жон,
Яккаю ёлғизинг бўлиб ёнингда
Яшагим келмоқда бешараф, бешон.

Юлдузлар порлаган шу осмон ҳақи,
Она замин ҳақи қасам ичаман:
Сен менинг бағримда биргина балки,
Истасанг, шеъримдан кечаман.

Бировларнинг ғамдан эгик бошини,
Силашдан қулларим шол бўлди, толди.
Бугун сен арта қол менинг ёшимни,
Бугун менинг бошим эгилиб қолди.

«Севаман» сузини эшитмоқ учун
Ёнингда турибман кутиб шу фурсат.
Ғарибман, ожизман — гапимга тушин! —
Худо эканимни оламга кўрсат!


* * *

Нимадандир бўлиб безовта,
Итлар ҳуриб қолди ногаҳон.
Кимдир кезар чорбоғда, ана...
Шитир-шитир этмоқда хазон.

Ёға бошлар ёмғир имиллаб,
Кузги боғлар бағри туманзор.
У жим турар нимадир тилаб,
Деразамга боқиб умидвор.

Ишқу нафрат ўртасидаман...
Излаганча қалбимдан шафқат,
Унга ғамган боқиб турибман,
Кел, демоққа тополмай журъат.

У кетади беумид, маъюс,
Қучоғига олади туман...
Кўз юммайман тонг отгунча юз,
Итлар яна қуришармикан?..


* * *

Қор кечани ютмоқда —
Қор ютмаса, тонг ютар.
Эринг сени кутмоқда,
Аммо мени ким кутар?

Йиғлама, ёшингни арт,
Рўмолингни тузатгин.
Айрилиқ кўп совуқ дард —
Иккимизни музлатди.

Қор учқунлар... Алвидо!
Оҳ, соғиндим баҳорни!
Сўнг бор қўлингдан ушлаб,
Ўпаман оппоқ қорни...


* * *

Хайр...
Йиғламанг...
Агар қайтсангиз,
Калит ўша жойда бўлади.
Уйни очсангиз,
Суратингиз туради столим устида.
Қоғозларни титсангиз —
Сизга бағишланган шеърлар...
Мен ишдан ҳориб қайтаман.
"Яхшимисиз?"— дейман
Қовоғимни ўйиб.
Сиз ошхонага чиқиб йиғлайсиз:
Ўшанда
Кўксимни очсангиз,
Ўзингизни топасиз...
Агар қайтсангиз...
Йиғламанг...


САРБАДОРЛАР ҚЎШИҒИ

Бизнинг дилимиз — ёрда.
Бизнинг қўлимиз — корда,
Кору Ёрдан айрилар —
Тортинг бошимиз дорга!
Тортинг бошимиз дорга

Дилга боғлиқ сўзимиз,
Ёр йўлида кўзимиз.
Йўлу дилдан айрилар,
Қаранг, дорда ўзимиз,
Қаранг, дорда ўзимиз,

"Қайт" дедингиз, "қалб" дедик,
"Айт" дедингиз, "қақ" дсдик.
Бошимиз дорда туриб
"Жон" демадик, "халқ" дедик.
"Жон" демадик, "халқ" дедик.

Йигит, кўнгли тор йигит,
Жангларда йўқ, хор йигит.
"Сар ба дор!"— де,— хитоб қил,
Топилади дор, йигит,
Топилади дор, йигит,

Ғайрати бисёр йигит,
Гуноҳга ҳушёр йигит,
Хафа бўлма, ўксима,
Имон ҳам бир дор, йигит.
Имон ҳам бир дор, йигит.


XX АСР ОТЕЛЛОСИ

Сен ҳақингда кўп гапирадилар —
У гўзал, дейдилар.
Сўзлари асал, дейдилар.

Мен эса жамолинг таърифини
Ҳатто шеъримга ҳам сиғдиролмайман,

Сен ҳақингда куп гапирадилар.
У ягона, дейдилар,
Атрофида йигитлар парвона, дейдилар.

Менинг ғазаб билан қимтилган лабим
Тонгдай оқаради, баргдай қалтирар.

Сен ҳақингда кўп гапирадилар:
«Очиқ қолган деразадан титраб, ҳансираб,
Ойга қараб учди бўса овози»...

Ғийбатлар мавзуси, эй Дездемонам,
Отелло ҳуқуқин берсанг-чи менга,
Отелло ҳуқуқин берсанг-чи,
Отелло ҳуқуқин!..
— Отелло!..

— Дездемонам, сен айбдор эмас!
Қип-қизариб ўз овозимдан
Олазарак боқиб атрофга,
(Тағин биров эшитмадими?)
Мен — Отелло — Яголар билан
Ғийбат қилиб турибман сени.


* * *

Мен нечун ёнган дилимни сўндиролмайман, гулим,
Кул бўлишга қисматимни кўндиролмайман, гулим.

Ким билур оташда ёнган кунларимнинг қадрини,
Кеча қалбларни нуримга тўлдиролмайман, гулим.

Бахт қуши учгай фалакда — келмагайдир айланиб,
Оташин бошимга они қўндиролмайман, гулим.

Бездириб гулханлигим, дўсту ёр тарк айлади,
Сенга ҳам қалб тафтини билдиролмайман, гулим.

Лахча-лахча чўғларимни сувларга қатра сочмадим,
Бегуноҳ баҳри муҳитни ўлдиролмайман, гулим.

Мен нени ёздим, мудом қоғозни бир ҳайф ўртади
Мен нечун дунё ишини бўлдиролмайман, гулим?


* * *

Энди кетаман.

Ёмғирли кўчаларда
Машиналар сачратиб ўтар
Чироқлар суратини.

Бир қадам...

Хайрлашув олдидан кўзларни яшир.
Лабларни тишла —
Титрамасин улар.

Бир қадам...

Кўзимиздаги ёшларни нима қиламиз,
Ўтган умрни?..

Бир қадам...

Ҳали яшамоқ мумкин,
Кейин — билмайман...


ҚУШ ЭШИТГАН ЎЛАН

— Кечалари тушимга
Кириб қийнаган, эй, тош,
Муздай, совуқ бағрини
Менга қиймаган, эй, тош —
Бир гул бўлиб ёнингда
Ўтганимдан бахтлиман!

— Шамолларга дардини
Кулиб сўйлаган, эй, гул,
Менинг совуқ бағримга
Қадам қўймаган, эй, гул —
Бир тош бўлиб ёнингда
Ўтганимда бахтлиман!


ЯНГИЛАНИШ

Бу дунёдан кетганимми,
Бу дунёга қайтганим,
Тилларимдан тўкилган сўз —
Бойчечакнинг айтгани.

Хазонрезли боққа боқиб,
Ёшга тўлар кўзларим —
Наҳот, ғамгин бу қўшиғим
Хазонларнинг сўзлари.

Англаяпман: ҳаёт — буюк,
Ўлим — даҳшатли нарса...
Бу ҳикматни мен топдимми,
Сенми, сарғайган майса?

Ёраб, қай кун баргдай яшноқ,
Умримни қафас билдим.
Қаро тупроқ остидаги
Илдизни ҳавас билдим...


* * *

Вақт келар — дунёнинг боқчаларидан
Тутундай тарқайди ўлик хитоблар.
Замоннинг юксак дид токчаларидан
Йиқилиб тушади ёлғон китоблар.

Ййлларнинг олдида алдоқлар хордир!
Мангулик — қалбларда ярқ этган ҳаёт.
На унвон, на шуҳрат, на мансаб бордир,
Фақат ҳаёт бордир, эй, Адабиёт!

Ҳақиқат шамоли гувласа шитоб,
Тўзғиса, ёрилса мақтов кўпиги.
Кўринар — бешафқат сатрлар аро —
Етгани кимларнинг қони тўкилиб.

Ўзининг суратин танийди ҳаёт....
"Бу — мен..." деб энг одил сўзни айтади.
Кимдир эшитгиси келмаган баёт
Унинг тилларига ўйнаб қайтади.

Ўша кун беш қўлдай бўлади аён —
Четга қочолмагай ҳеч ким талпиниб —
Кимлар эл-юртига бахш этгандир жон,
Кимлар ўлдиргандир она халқини.

Сизнинг вақтингизни олмайман бекор,
Ахир, ҳар бир сатр сўмли, тийинли...
Аммо шеър сўнгида бир саволим бор:
Виждон билан яшаш шунча қийинми?


* * *

Шудгорзорда донлайди
Қарғаларнинг галаси.
Тоғлар боши тумандир,
Хасу хашакда қиров.
Дара тубига чўккан,
Булутларнинг кемаси,
Бир тепанинг устида
Йиғлаб турибди биров,
Намхуш ҳаво қўйнида
Уфқлар салқи тортган,
Салт от серрайиб турар
Қирларнинг адоғида.
Кузак осмон қаърига,
Ернинг тубига ботган,
Ҳатто сингиб кетгандир
Салт отнинг қароғига.
Бир тспанинг устида,
Йиғлаяпти бир одам.
Мезонлар сузиб ўтар —
Вақт қушининг патлари...
Одам кузакни босиб,
Қўёлмайди бир қадам.
Бир сўз айтаман деса,
Қимирламас лаблари...


* * *

Отим қолар демагин
Бу дунёда, шоирим.
Номард тўфонлар турса,
Отингдан гард қолмагай.

Зотим қолар демагин
Бу дунёда, шоирим,
Қисмат тескари бурса
Зотингда мард қолмагай.

Бу дунёнинг дардини
Тсриб кетгин шоирим.
Жонингга ачимапш —
Кетмайдими чириблар!

Бу дунёга бир қўшиқ,
Бериб кетгин, шонрим,—
Марҳумлар уйғонсинлар,
Ухлолмасин тириклар.

Qayd etilgan


Ansora  09 Aprel 2010, 20:34:10

«БАХШИЁНА» КИТОБИДАН
1989


* * *

Элбек бахши шогирди Эломонга: "Дунёға айтадиганингни айтгин, димоғингни чоғ қилиб, кўксингни тоғ қилиб, эсон-омон қайтгин", деб дўмбирасини қўлига тутқазиб, сафарга жўнатган эди.
Ана энди Эломон қайтди. Элбек бахши шогирдининг қўлидан ушлаб, кўнглини хушлаб: "Дунёга нималарни айтдинг, ў, болам", деб сўраб, Эломон жавоб бериб турган жойи экан:

Майсага эзмайман, деб айтдим,
Дарахтга кесмайман, деб айтдим.
Тупроғимга, сен деб ўлсам,
Оғриқни сезмайман, деб айтдим.
Аёлга суяман, деб айтдим,
Ишқингда куяман, деб айтдим.
Сенинг босган изларингга
Бошимни қўяман, деб айтдим.
Саҳрога тоғ бўласан, деб айтдим.
Кечага оқ бўласан, деб айтдим.
Шайтонга аёлни севсанг
Имондай пок бўласан, деб айтдим.
Қушларга отмайман, деб айтдим,
Ёримга сотмайман, деб айтдим.
Ҳақни айтсам — ўтда куймайман,
Сувларга ботмайман, деб айтдим.
Чинорларга хассан, дедим,
Осмонларга пастсан, дедим,
Юлдузларни қўлда тутиб,
Тутганим йўқ — мастсан, дедим.
Тоғ устига чиқдим мастон,
Кўз олдимда Ўзбекистон.
Йиғлайвердим, йиғлайвердим,
Дедим: илоё, бўл омон.
Кўз ёшга арзир — сен, дедим
Қувончга арзир — сен, дедим,
Бу бошим дунёга арзир,
Шу бошга арзир — сен, дедим,
Қўшиғим тарзи — сен, дедим,
Юрагим мағзи — сен, дедим,
Отамдан мерос қолгансан,
Боламдан қарзим — сен, дедим.

Эломон яна кўп айтди, эмраниб туриб хўб айтди, жўшиб айтди, шоир-да, баъзан қўшиб айтди. Шунда Элбек бахши: "Ў, болам! Ў, шоирликда мен етмаган нолам, бахши бўлиб тўлиқиб қолибсан, илҳом деганига йўлиқиб қолибсан, энди сенга охирги насиҳатим шудир", деб кўксида қўзғалган елга соқоли пириллаб, овози чақмоқдай гуриллаб, бир сўз деб турган экан:

Устозим деганинг шеърфуруш чиқса,
Суйганим деганинг эрфуруш чиқса,
Подшоҳим деганинг элфуруш чиқса, —
Чидагин, болам-а, чидагин,
Дардларинг танингга жойлансин.
Чидагин, болам-а, чидагин,
Оҳларинг қўшиққа айлансин!

Чин қолиб, ёлғонлар топса марҳамат,
Яхшимас, ёмонлар топса марҳамат,
Алдамчи замонлар топса марҳамат —
Чидагин, болам-а, чидагин,
Дардларинг танингга жойлансин.
Чидагин, болам-а, чидагин,
Оҳларинг қўшиққа айлансин!

Амир ўғри бўлса, қози — риёкор,
Вазир — шуҳратпараст, ўғри — зиёкор
Ва улар халқингдан кулсалар беор —
Чидагин, болам-а, чидагин,
Дардларинг танингга жойлансин,
Чидагин, болам-а, чидагин,
Оҳларинг қўшиққа айлансин!

Донолар қорани оппоқ десалар,
Шоирлар ҳаромни шу пок десалар,
Қўрқсалар, душманни ўртоқ десалар —
Чидагин, болам-а, чидагин,
Дардларинг танинга жойлансин.
Чидагин, болам-ей, чидагин,
Оҳларинг қўшиққа айлансин!

Одамман деб турса темирлар, тошлар,
Десалар: дунёдан битди кўз ёшлар.
Туғларнинг устидан юрса молбошлар, —
Сен чида, болам-ей, сен чида.
Куйлагин — тўхтама бир нафас!
Сен куйла қиличнинг тигида —
Ўшанда эл-юртинг чидамас!

Бу қўшиқни айтиб, Элбек бахши қуёшга тик қараган экан, кўзи ёшланмабди.


* * *

Элбек бахши бир камбағалнинг тўйини гуриллатиб, неча кампир-қизларнинг юрагини дириллатиб — овулига қайтиб келаётган эди, бир карвонга дуч келди. Карвоннинг атрофида неча отлиқлар чопишиб келишяпти, туяларни етаклаган шотирлар қоқилиб келишаяпти. Осмонга мушаклар отилган, туяларга атлас кимхоблар ёпилган, ёш-яланглар бўза ичиб бўкиришган, бир-бирига дўқ уришган, туя устидаги қизлар уларга лаб буришган, карвонбошининг пешонаси тиришган — олдинда келяпти.
Элбек бахши: "Ҳўв, карвонбоши, йўл бўлсин?"— деб сўради, карвонбошининг олдини ўради.
"Йўлдан қоч, баччағар, келин олиб кетаяпмиз",— деди карвонбоши.
Элбек бахшининг қулоғига йиғи товуши урилди. Сезди — уйи куйган. Бу — Ойтуманнинг товуши. Шунда: "Эй, камбағаллик қурсин! Орзум очилмай сўзладиган бўлди, ўзим ҳасратда ўладиган бўлдим", дсб бир сўз айтиб турган экан:

Карвон кўрдим туялари бўзлаб борар,
Нортуяда менинг ёрим музлаб борар.
Менга берган ваъдалари эсдан чиқиб,
Остонаси тилло юртни излаб борар.

Пешонангнинг ёздиғидан айрилма, ёр,
Жоним чиқар — қўшиқ айтсам қайрилма, ёр!

Ойтуман ёр кетиб борар карвон билан,
Оғринма дил, мард қолади армон билан.
Мол-дунёнинг измин тутиб кетаверсин,
Мен қолайин юрак деган сарбон билан.

Пешонангнинг ёздиғидан айрилма, ёр,
Жоним чиқар — қўшиқ айтсам қайрилма, ёр!

Ойтуман ёр, тумандайин сузиб кетдинг,
Юрагимнинг қалъасини бузиб кетдинг.
Парчалансам — мени қўшиқ йиғиштирар,
Сен қўшиқсиз қолдинг, гулим — тўзиб кетдинг.

Пешонангнинг ёздиғидан айрилма ёр,
Жоним чиқар — қўшиқ айтсам қайрилма, ёр!

Карвон йўли кетгунича қизғалдоқзор,
Йиғламагин, йиғлагандан дунё безор.
Кулиб-кулиб, қувнаб-қувнаб кетавергин,
Ғамга ўзим харидорман, ўзим бозор.

Пешонангнинг ёздиғидан айрилма, ёр,
Жоним чиқар — қўшиқ айтсам қайрилма, ёр!

Қорли тоғдан наридадир ўзга диёр,
Ўзга юртда келин бўлиб қолишинг бор.
Ўзга юртда ўз юртингни эслаб тургин,
Менга эмас, тупроғингга бўл интизор.

Пешонангнинг ёздиғидан айрилма, ёр,
Жоним чиқар — қўшиқ айтсам қайрилма, ёр!

Мен-чи? Менга гоҳ шодлик, гоҳ алам тўлар,
Ҳар сатримга кулгум тўлар, нолам тўлар.
Бу олам-ку, маним дилим ярим этди,
Ярми билан куйласам ҳам олам тўлар.

Пешонангнинг ёздиғидан айрилма, ёр,
Жоним чиқар — қўшиқ айтсам қайрилма, ёр!


* * *

У пайт шоир элма-эл, юртма-юрт юриб гоҳ дили суйганни, гоҳ дили куйганни тинглар экан. Шоир "оҳ" тортса, эл "оҳ" тортиб, шоир кулса, эл кулар экан. Элбек бахши ҳам эл кезиб юриб, одамларнинг дардини сезиб юриб, бир овул устидан чиқди. Қаради, бир аёл қимтиниб, хаёл суриб, тошларга туртиниб сойга, сувга энаяпти. Таниди — Ойтуман. Ойтуманнинг кўзи ҳам унга тушди. Гапирмоққа тил қайда? — иккови икки жойда серрайиб турибди. Шунда уларнинг сел-селбор йиғлаётган кўзлари шундай гаплашишган экан:

ОЙТУМАН:
— Япроқлар сўлади — бахтсизман,
Оловлар сўнади — бахтсизман.
Йўлингга интизор кўзимни
Тупроқлар кўммади —бахтсизман —
Аммо сен бахтиёр бўлгин, ҳамиша!

ЭЛБЕК БАХШИ:
— Ахир, бир очилиш бахти бор,
Бошоқдой янчилиш бахти бор,
Соғинчдан хазондай тўкилиб,
Кўз ёшдай сочилиш бахти бор —
Мен шундай бахтиёр бўлай, ҳамиша!

ОЙТУМАН:
— Кун ўтмай, шом келди — бахтсизман,
Уфқдан қон келди — бахтсизман,
Нечун бу юрагим қийналар,
От миниб, жон келди — бахтсизман —
Аммо сен бахтиёр бўлгин, ҳамиша!

ЭЛБЕК БАХШИ:
— Шом чоғи юлдузлик бахти бор,
Соғинчда ёлғизлик бахти бор,
Ҳасратда қўшиғим гуллади,
Шу гулга илдизлик бахти бор —
Мен шундай бахтиёр бўлай, ҳамиша!

ОЙТУМАН:
— Дилимда нолам бор — бахтсизман!
Жиғамда лолам бор — бахтсизман,
Қўш бсшик тебранар ёнимда,
Эгизак болам бор — бахтсизман —
Аммо сен бахтиёр бўлгин, ҳамиша!

ЭЛБЕК БАХШИ:
— Юракни тингламоқ бахти бор,
Қайғуни илғамоқ бахти бор.
Кечани шўр бошга ёпиниб,
Кўринмай йиғламоқ бахти бор —
Мен шундай бахтиёр бўлай, ҳамиша!

ОЙТУМАН:
— Йўлимдан тайриндим — бахтсизман,
Қанотим қайрилди — бахтсизман.
Кечалар бошимга ёғилсин,
Мен сендан айрилдим — бахтсизман —
Аммо сен бахтиёр бўлгин, ҳамиша!

ЭЛБЕК БАХШИ:
— Йиғлама, армоннинг бахти бор,
Ойтуман, ҳижроннинг бахти бор.
Ишқсизга омонлик бахт бўлса,
Ишқ ичра қурбоннинг бахти бор —
Мен шундай бахтиёр бўлай, ҳамиша!

ОЙТУМАН:
— Армоннинг гуллари сап-сариқ,
Сариққа тўлди-я, бу борлиқ,
Мен қанча бахтқаро бўлсам, айт,
Ғуссадан бўласан сен фориғ.
Мен қанча бахтқаро бўлай, айт!

ЭЛБЕК БАХШИ:
— Бошингга шол рўмол ташлайсан,
Бекорга кўзингни ёшлайсан.
Мен қанча бахтиёр бўлсам, айт,
Сен мени унутиб яшайсан,
Мен қанча бахтиёр бўлай, айт!

Улар шу алфозда қанча туришганини билишмади. Аввал Элбек бахши ўзига келди. Қараса, кўзлари дардлашиб тўймайдигандай. Шунда ўзини тутиб олиб, кўз ёшини ютиб олиб, Ойтуманга гап қотди: "Э, эгачим, бундай қарасам, келбатнинг овулимиздаги Давлатбийнинг
қизига менгзайди. Шу ерларга бир қизи келин бўлиб тушган деб эшитаман. Шу сен эмасмисан?",— деди. Ойтуман бир ютиниб, минг бир тутилиб: "Давлатбийнинг шу қизи мен бўламан", деди. "Борсам, элу юртингга нима дейин?"—деди Элбек бахши. "Салом денг", деди Ойтуман. "Яна нима дейин", деб сўради Элбек бахши. "Салом денг", деди Ойтуман. "Хуш қол бўлмаса, эгачим", деб Элбек бахши отига қамчи тортди. "Яхши боринг, огам", деб Ойтуман сой бўйида тошдай қотди...
Биродарлар, Элбекнинг кетишинию Ойтуманнинг қолишини айтишга кучим етмайди. Менинг ҳам битта жоним бор-да...


* * *

Қоработир юртнинг эркаси, жўраларнинг серкаси эди. Бой эди, егани гўшту мой эди. Алп эди, лекин нозик қалб эди. Эртаю кеч жўраларига базм берар, аммо буни ҳеч кимнинг юзига солмас: "Дўстларимдан ноним тугул, жонимни ҳам аямайман", дер эди.
Оқботир унинг жўраси эди. Жўралари ичида энг ғўраси эди. Уни яхши кунда эслашмаса ҳам, ёмон кунда йўқлашарди. Йўқлашмаса ҳам бўларди, чунки бировнинг бошига ғам тушса, у бир зумда етиб келарди.
Кунлардан бир куни юртни ёв босди. Не-не йигитлар аёвсиз урушда жон бердилар. Қоработир билан Оқботир отиша-отиша, чопиша-чопиша бир чўққига чиқдилар. Душман чор атрофни ўраб олди. Ана энди икковлари бир катта тош орқасида, ғанимларни пойлаб ётиб, шундай суҳбат қурдилар:

ОҚБОТИР:
Чопа-чопа отлар қулади,
Жанг-жадалда синди қиличлар.
Дўст, сен омон қоласан ҳали,
Мени ёвга топширсанг агар!

ҚОРАБОТИР:
Кўзларимга қуёш кўринмас.
Рақибимиз зўр экан — аён.
Дўстим, сенга фидо бўлай, бас,
Сен учун мен топширайин жон.

ОҚБОТИР:
Тўрт тарафда ғаним лашкари,
Минг ярадан қон оқур танда.
Дўст, сен эдинг кўнглим раҳбари,
Мени боғла, топшир душманга.

Қ0РАБОТИР
Тепамизда танҳо самоват,
Пойимизда шу бир парча ер.
Дўст, илоё, бўлгин саломат,
Боғла мени, ёв қўлига бер.

ОҚБОТИР:
Агар ўлсам, мендан не ҳолур?
Булутдай оҳ, чиройли тулпор.
Уни минсин бир йигит— ёвқур...
Қўлим боғла, дўсти вафодор.

ҚОРАБОТИР:
Сурув-сурув қўйлар ҳолади,
Уюр-уюр отлар яйловда...
Дўст, нотанти санама мени,
Қўлим боғла, тошпиргин ёвга.

ОҚБОТИР:
Ўлсам куяр фақат волидам —
Қариликда ёлғизлик ёмон...
Дўст, ҳўлимни боғлагин маҳкам,
Мен ўлайин, сен қолгин омон.

ҚОРАБОТИР:
Аза очар мен ўлсам бир халқ,
Кўк кияди не-не боёнлар.
Йўқ, сен ҳаёт қучоғида балқ,
Майли, мени чақсин чаёнлар.

ОҚБОТИР:
Сенинг қўш-қўш хотинларинг бор,
Ўлсанг, ботар қайғуга олам.
Менга насиб қилмади ишқ, ёр...
Дўст, қўлимни боғлагин маҳкам...

ҚОРАБОТИР:
Улуғ элнинг мен кўрар кўзи,
Ҳам фарзандман, ҳам унга ота...
Майли, ўлай, сенга чин сўзим,
Душман солсин бўйнимга болта.

Оқботир Қоработирга ялинди, оёқларига йиқилди. Икковлари узоқ тортишдилар.
Охири Қоработир кўнди. Оҳботирнинг қўлини боғлаб, ёв қошига ҳайдаб келди. Ёв сахий экан — Қоработирга инъомлар берди, ёв танти экан — Оқботирни ҳам озод қилди.
Шунда Оҳботир бир сўз деди:

Озод қиддинг дўстимни, ғаним,
Аммо, менга керакмас эъзоз.
Жонсиз ҳолди барибир таним,
Мени ўлдиринглар, илтимос!

Бу дунёда бошим кўтариб,
Тирик юрмоқлигим қолмади.
Дўст жонини қолди қутқариб,
Менинг билан ўла олмади.

Дўст дўст учун жондан кечмаса,
Дўст дўст билан бормаса дорга.
Дўст дўст учун оғу ичмаса,
Қуёш қаро тортмасму ордан.

Умр кўрсин дўстим минг йиллар! —
Ҳаёт недир мендай фақирга?
Еллар, беринг юртимга хабар:
Суянмасин Қоработирга.

Оқботир муродига етолмади. Ёв Қоработирни ўлдирди. У замонларда ёв ҳам мард бўлган экан.


* * *

Шундай қилиб, биродарлар, Алпомиш Қалмоқдан қайтмади.
Қалдирғочойим туя боқиб туриб, кўзидан ёши оқиб юриб, бир сўз деб турган экан:

Саҳар чоғи мизғигандим, бир туш кўрдим,
Бир чоҳ кўрдим, чоҳ тубинда бир ҳуш кўрдим,
Қанотлари синган қушнинг суратинда.
Оға, сизни нохуш кўрдим, нохуш кўрдим.

Ёрни излаб Қалмоқ сари учган, оғам,
Нодон оғам, зиндонларга тушган, оғам,
Ўн минг уйли элинг мадад бера олмас,
Соғ бормисан, зах тупроқни қучган, оғам.

Қоражонинг қора кунлар бошидадир,
Мушфиқ синглинг Бойсун тоғу тошидадир.
Шўрлик Барчин Ёдгорингни қучиб йиғлар,
Сарқамишнинг чўли қонли ёшидадир.

Оға, энди Қўнғиротга дунё торма,
Ғаним учун тўй-томоша, бизга дорма?
Ҳеч бир эл-юрт эрларидан айрилмасин,
Сабр битди, Бойчиборни, оға, чорла —

Туя боқдим, товонларим ғижжа тикан,
Сен келмасанг Асқар тоғ ҳам чўкадиган.
Сабр битди, Бойчиборни, оға, чорла!
Ҳар бир элга бир эр йигит керак экан!

Ана энди, Қалдирғочойим бу сўзни айтди. Алпомиш чоҳ тубида ётиб, синглисининг ноласини эшитди, ёвни енгиб Бойсун-Қўнғиротга қайтди.
Ў, биродарларим-а, Фозил шоирга етиш кўп қийин, ҳамма билганини айтади-да...
Мен ҳам билганимни айтдим.


* * *

Элбек бахшидан "Чиройли нима?" деб сўраганларида, шундай дебди:

Осмонда юлдузлар чиройли,
Дунёда кундузлар чиройли,
Тўйларда кулганлар чиройли,
Вақтида ўлганлар чиройли,
Баҳор сели билан чиройли.
Йигит эли билан чиройли,
Деҳқон дала билан чиройли,
Аёл бола билан чиройли.

Элбек бахшидан "Ёмон нима?" — деб сўраганларида, шундай дебди:

Юлдузи йўқ осмон ёмон,
Кундузи йўқ жаҳон ёмон.
Тўйларда йиғлаган ёмон,
Вақтида ўлмаган ёмон.
Баҳорсиз келган сел ёмон,
Ботирсиз қолган эл ёмон.
Даласиз деҳқонлар ёмон,
Боласиз армонлар ёмон.

Элбек бахшидан "Нима йиғлатади?"— деб сўраганларида, шундай дебди:

Осмонсиз юлдуз йиғлатар,
Жаҳонсиз кундуз йиғлатар,
Бўлмаган тўйлар йиғлатар,
Бемаҳал ўлган йиғлатар.
Тирамоҳда дард йиғлатар,
Элсиз қолган мард йиғлатар.
Деҳқонсиз дала йиғлатар,
Энасиз бола йиғлатар.

Элбек бахшидан "Нима энг чиройли?", "Нима энг ёмон?", "Нима энг кўп йиғлатар?"— деб сўраганларида шундай дебди:

Энг чиройли жасоратдир,
Энг ёмони хиёнатдир.
Жон чиқдунча йиғлайверинг,
Ўлдирсалар диёнатни.

Элбек бахшига яна кўп саволлар бердилар, у даврадаги йигитларга қараб: "Ҳамма саволга жавоб — ўзларинг", деди-да, этагини қоқиб, ўтовдан чиқиб кетди.


* * *

Ҳеч ким ёвга бош эгмади.
"Бу элнинг шоирини топинглар", деди шунда ўнг қўл вазир. От чоптириб, бир жанг майдонида ярадор ётган Элбек бахшини топиб келдилар.
"Бизни мақта!" деди чап қўл вазир.
Бахши эшитмаганга олди.
"Бизни мақта!" деди ўнг қўл вазир.
Бахши гум-гурс тураверди.
"Бизни мақта!" деди подшои азим.
"Подшоҳ бўлсанг, ўзингга, — деди шунда бахши бир тўлғониб, — шоирнинг бўлса олиб кел, гаплашсам шоиринг билан гаплашаман".
Бир шоирни олиб келдилар.
Элбек бахши жавоб беришга ҳозирланиб, ҳалиги шоир "бизни мақта!" деб турган жойи:

— Элбек бахши, бу дунёнинг ўтарин айт,
Бу дунёга умр келиб-кетарин айт,
Манов бизнинг паҳлавонлар кўкрак кериб —
Майдон кирса, фалакни ҳам йиқарин айт.

— Мен кўрганман осмонларнинг тиниғини,
Тошлар тегди, териб олдим синиғини.
Бешикдаги гўдакларга тиғ санчдилар,
Шунда билдим мардларингнинг қилиғини.

— Тоғдай бўлиб турган одам — навкарбоши,
Ўлчаб кўргин — Ер-осмонни босар тоши.
Элбек бахши, мақтайвергин, кам бўлмайсан,
Марднинг шундай бўладими кўзу қоши?

— Нодон шоир, буғдой дейсан тариқниям,
Кўргим ахир, бу саройдан нариниям,
Навкарбошинг ортдан келиб пичоқ санчар,
Тўғри келоа енголмайди ариниям.

— Элбек бахши, тилгинангни тийиб сўйла,
Етти эмас, юз ўлчаб, бир қийиб сўйла.
Манов турган хазиначи — номдор одам,
Мол-дунёнинг қулфи шунда — суйиб сўйла.

— Бахши дединг — бахши руҳи осмондадир,
Кўлмакка жо бўлганим шу замондадир,
Номдор одам кўзларини олиб қочди,
Унинг асли ҳовли-жойи зиндондадир.

— Элбек бахши, унга эмас, менга гапир,
Сабил бўлиб қолмагандир жонинг, ахир.
Мақтовини келтиравер, аҳмоқ бўлма,
Чап қўл вазир ёмон эмас — бола фақир.

Сен нимани биласан ҳам гапдан бошқа,
Чап қўл вазир йўлни билмас чапдан бошқа.
Саройдаги аёлларнинг бари бир-бир —
Сел бўлишиб суйкалишар шул қум-тошга,

— Элбек бахши, бошинг кетар билмайсан-а,
Бу дунёни назарингга илмайсан-а,
Ана турган ўнг қўл вазир — доно одам,
Хизматларин суйиб эмас, жўшиб сана.

— Бир чўғ эдим, ёв қошида кетдим ёниб,
Ўч оларим бор экан-ку, қониб-қониб.
Бу донишманд подшоҳингнинг теграсида
Айланади, енг ичига пичоқ солиб.

— Элбек бахши, бўлма бунча "ширинзабон",
Тилларингдан айланайин, ҳолинг ёмон.
Тўрда турган подшоҳимиз — ҳеч бўлмаса,
Шуни мақта, қоларсан-ку, эсон-омон.

— Мени қўйгин, менга тақдир тошдир азал,
Аммо дунё тўғри сўзга очдир азал.
Шоҳинг кимдир? Қўрқоқ, хоин, хиёнаткор,
Бузуқларнинг даврасига бошдир азал.

— Мард экансан, аммо феълнинг азоб туғар,
Подшоҳимиз ҳар бир сўзни дилга тугар.
Ғазабланиб лашкарига "кесгин" деса,
Элбек бахши, элинг тугар, юртинг тугар.

— Ҳақ гап учун ҳар бир ишга кўнади эл,
Тўғри сўздан кўпаяди, тўлади эл.
Дордан қўрқиб, ёлғон айтиб турганим йўқ,
Шоирлари ёлғон айтса, ўлади эл.

Ана энди, ёвнинг шоири оҳ уриб, пешонасига муштлади. Мен ҳам шундай айтишувларнинг ошиғиман-да, мана неча йилдирки, суриштираман, бу айтишув нима билан тугади? Элбек бахшининг ҳоли не кечди? Аниғини билай деб, ғаним шоир элатининг дарагини сўраб, суриштирдим, тарихни кавлаштирдим, аммо ҳеч натижа чиқмади. Айтишувдан йигирма, ўттиз йил ўтгач, бу халқ осмонга чиққанми, ерга кирганми, ишқилиб изсиз ғойиб бўлган. Шунда шўрлик шоирнинг оҳ ургани маънисига етгандай бўлдим...


* * *

Алпомиш Қалмоққа кетадиган бўлди.
Барчиннинг бўйида уч ойлик гумонаси бор эди. Барчин Алпомишнинг кетарини билиб, қимтаниб, уялиб, керагига суяниб, бир сўз деб турган экан:

Йўлларда кўп менинг гумоним,
Кетарсан — ичимда фиғоним,
Олти ой ўтган сўнг келмасанг,
Болангга не дейин, султоним?

Сени зор кутарман дилпора,
Ҳижронда ошиқлар бечора,
Айтиб кет, султоним, фарзандинг —
Қай сўзни эшитсин илк бора?

Остингда ўйнайди Бойчибор,
Кўзимда ёшларим шашқатор.
Оталик гапингни айтиб кет,
Болангни нима деб суяй, ёр?

Болангни кўксимни тутганда,
Гўдагим оқ сутни ютганда,
Неларни шивирлай болангга,
Жонимни оромлар титганда.

Оғирдир, ёр, сенсиз паллалар,
Мудраса кечаси далалар.
Бешикда тамшанган болангга,
Айтайин қанақа аллалар?

Алпомиш Барчиннинг сочини силаб, эсон-омонлик тилаб, тасалли бериб, сўзларни авайлаб териб турган жойи:

Қўлингга тутганда боламни,
Барчиним, ўйлагин оламни.
Аждодлар руҳини тавоб қил,
Яширма қувончу нолангни.

Оламда кўп эрур ибора,
Бир сўз бор — оғриқдан иборат.
У — Ватан! Барчиним, у — Ватан!
Боламга, "Ватан" де илк бора.

Сўзлагин энг юксак тилакдан,
Бўтадай бўзлагин юракдан.
"Ватан" де... Боламнинг қонига
Оқиблар кирсин у юракдан.

Ақлинг ҳеч бўлмасин фаромуш,
Боламни қил яхши парвариш.
Барчиним, боламга яна айт,
Отаси — Алпомиш!... Алпомиш!

Елдайин, селдайин бул қаёт,
Сафардан қайтмасам умрбод,
Барчиним, аллага қўшиб айт,
Элининг отидир Қўнғирот.

Ой чиқса бўлади ойдин де,
Лочиндай қанотинг ёйган, де.
Барчиним, суйганда суйиб айт,
Туғилган тупроғинг Бойсин, де.

Хасдайин чўлларда учиб айт.
Замондан замонга кўчиб айт.
Боламнинг танига жойлансин,
Қучиб айт, қучиб айт, қучиб айт!

Бойликка бўлма де харидор,
Бойликдан баландда эл-юрт бор.
Айт, ёвни қақшатган алп бўлсин,
Айт, бўлсин юртига хизматкор.

Барчиним, фарзандим шер бўлсин,
Юртига суянчиқ эр бўлсин.
Ватанни дилига жо айлаб,
Бахшилар тилида шеър бўлсин.

Ў биродарлар, Барчин эсли хотин эди! Фарзанд кўрганида боласига нималар деган, билмайман, аммо биз томонларда бахшилар Алпомишнинг ўғли Ёдгор ҳақида ҳам достон айтишади...


* * *

Биродарлар, ана энди Элбек бахши Асқар тоғининг бошида ўтирибди. Атрофга қараяпти: бир томон Сайхун, бир томон Жайхун, бир тараф кўл, бир тараф чўл. Ана Самарқанду Бухоро, ундан нари Хоразм, шундоқ тўғрида Сурхони азим...
Бахшининг дили тўлиқиб, ичида достон тўкилиб келаяпти. Тилида қўшиқлар тузиляпти, қўли дўмбирага чўзиляпти... Шу алфозда кўзлари сузилиб, кўнгли бузилиб турган эди. "Ҳорманг, бахши бобо", деган товуш қулоғига урилди. Бахши бурилиб қараса, Оқботир билан Қоработир отларини етаклаб, дарадан чиқиб келишяпти,. "Энди бир қўшиқ айтиб берасиз",
деб кулиб келишяпти.
"Нимадан айтайин?",— деб сўради Элбек бахши овози титраниб.
"Бўлар элнинг фарзанди қандай бўлади-ю, шўрлик элнинг фарзанди қандай бўлади — шундан айтинг", — дейишди ботирлар.
Ўзи қўшиқ ҳам бахшининг юрагидан ўрлаб, бўғзига етган эди — дўмбирасини олди-да, айтиб юборди:

Ҳар ким ўз элида бекдир, тўрадир,
Ўз элида бек бўлмаган ўладир.
Бўлар элнинг фарзандлари, ботирлар,
Кўзин ўйиб олишса ҳам кўрадир.

Мард дунёга келган тупроқ зўр бўлар,
Номард оёқ босган замин шўр бўлар.
Шўрлик элнинг фарзандлари, ботирлар,
Икки кўзи очиқ туриб кўр бўлар.

Ҳар ким ўз элида даврон сурадир,
Мардлар элин тўғри йўлга бурадир.
Бўлар элнинг фарзандлари, ботирлар,
Оёқларин кесишса ҳам юрадир.

Ёмон тўғри сўзда мудом хун кўрар,
Тушларида эл оғзида мум кўрар.
Шўрлик элнинг фарзандлари, ботирлар,
Юртин эшакдайин миниб кун кўрар.

Шоирлар шеърларин юксак тахт дейди,
Лоф урмаган, айтгин мудом нақд дейди.
Бўлар элнинг фарзандлари, ботирлар.
Тилин кесиб ташлашса ҳам "ҳақ" дейди.

Юрак керак доим ҳақни демоққа
Дилим ёнди — иси тегди димоққа.
Шўрлик элнинг фарзандлари, ботирлар,
Оғиз очар фақат овқат емоққа.

Куйсин дунё! — мудом ўтга ташлайди,
Асл эрлар ўтда чўғдай яшнайди.
Бўлар элнинг" фарзандлари, ботирлар,
Душман минг бор ўлдирса ҳам яшайди.

Ғариб дунё тасодифга тўладир,
Тасодифга ғариб бошлар кўнадир.
Шўрлик элнинг фарзандлари, ботирлар,
Ўзи билмай тирикликда ўладир.

Куйсин дунё — ғамин ҳаддан оширар,
Ғамни сочиб, шодлигини яширар.
Бўлар элнинг фарзандлари, ботирлар,
"Ё, халқим...", деб жаллодга жон топширар.

Ғариб дунё ғарибликда кўп хордир,
Ўзи боқиб — бовлигани ағёрдир.
Шўрлик элнинг фарзандлари, ботирлар,
Элин сўйиб емоққа ҳам тайёрдир.

Гап келганда гап қиличдай жаранглар,
Ўткир сўздан ачишдими яранглар?
Эна элим фарзандлари — ботирлар,
Тоғдан туриб энди юртга қаранглар...

Элбек бахши бу сўзларни айтяпти, ботирлар тоғдан туриб пастга қараяпти... Ким билсин — нимани кўришяпти? Бу дунёдан ҳамма истаганини кўриб ўтади, деган экан яхшилар!


* * *

Элбек бахши фарзандларини теграсига ўтқазиб, "ҳеч қачон эсларингдан чиқарманглар", деб тайинлаб, ҳар замон-ҳар замонда шундай қўшиқ айтар экан:

Дарёдай озод оққин,
Ойдайин эркин боққин,
Шамоллардай озод кез —
Қояларга суянма.
Елкангдан босиб олам
Тор келса ёруғ олам.
Қояларга суянма,
Элингга суян, болам!
Хас каби қалтирама,
Ўтган елнинг қошида.
Дарахт бўл, саратонда
Қолганларнинг бошида.
Тирикларга одил бўл,
Марҳумларни унутма.
Бу юрт сеники, болам,
Талатма ҳар хил итга.
Кўр бўлма, дунёга боқ,
Бошдан адоғигача.
Одамларни қўшиқ қил,
Қўлин қадоғича.
Қарға қошида қарға
Бўлиб сайрама, болам.
Булбўлсан, булбуллардай
Жон ўртар, бўлсин ноланг.
Кулгинг келмаса кулма,
Уялма кўз ёшидан.
Пешонанг қаттиқ бўлсин
Асқар тоғнинг тошидан.
Ғамни ўзингга қолдир,
Элингга бергин шонни.
Элингни ҳеч қийнама,
Қийнагин ширин жонни.
Тошдаймас, тоғдай бўлгин,
Қоянгда қуш уйғонсин.
Элинг сенга қоқилмасинг,
Элинг сенга суянсин.
Ўлар бўлсанг, пул деб ўлма —
Номард бўлиб кетарсан.
Ўлар бўлсанг, ишқ деб ўлгин —
Жўмард бўлиб кетарсан,
Ўлар бўлсанг, мансаб дема. —
Тубан тушиб ўларсан,
Ўлар бўлсанг, дил деб ўлгин,
Баланд учиб ўларсан,
Ўлар бўлсанг, қочиб ўлма,
Жангда қурбон бўл, болам!
Ёв пойида жон бермагин,
Мудом осмон бўл, болам!
Яшашга ҳам, ўлимга ҳам,
Йигит учун сабаб кўп —
Бир яшаш бор, бир ўлим бор
Барчасидан, болам, хўп:
Умринг узун бўлсин, аммо
Рост гап чоғидир бу дам —
Элинг учун, болам, яша,
Элинг учун ўл, болам.


* * *

Шоир нима қилади? Ботирга мадад, ҳуракка далда беради. Қадим замонларда Элбек бахши ҳам журъатсиз йигитларга мана шундай далда берар экан:

Ранги бўздай,
Титраб турган эр йигит,
Бир қадам қўй,
Ботир бўлиб кетарсан.
Қочмай туриб,
Аввал ёнга боққин тик,
Бир қадам қўй,
Ғолиб кулиб кетарсан,
Алп бўлмадим
Деб ҳеч чекмагин алам,
Интилганга
Олгин дейди бу олам.
Бир қадам қўй,
Ботир бўлиб кетарсан —
Қўрқоқликдан
Мардликкача бир қадам.
Ёнаётган
Болам, кўзингга чўғдир,
Журъатсизлик,
Йигит қатлига ўқдир.
Қўрқоқликдан
Жасурликка бир қадам,
Жасурликка
Сотқинликдан йўл йўқдир.

Qayd etilgan


Ansora  09 Aprel 2010, 20:34:37

«УЙҒОНИШ АЗОБИ» КИТОБИДАН
1991


* * *

На-да дўзах олови ямлар,
На-да эшик очади беҳишт —
Кукрагингни аросат қамраб,
Қолганида юрагинг беиш.
Тўғри шамолларга эгилмас,
Тескари ҳам айланмайди бош.
Юрагингни бошлаб туғилмас —
Кўзларингга етиб келмас ёш.
Чорбоғларга йиқилар сўлғин
Шамол — бевақт қуриган япроқ.
Нимагадир келмайди ўлгинг,
Яшагинг ҳам келмайди бироқ.
Деразани келиб қучолмас,
Қанотлари синган товушлар.
Шеърларингда энди солланмас,
Турналардек учолмас улар.
Мувозанат — қийноқсиз қийноқ,
Мувозанат — энг бебахт бахтим,
Мувозанат — эй, рангсиз байроқ —
Қачон сенинг қулайди тахтинг?
...Юрак бўлса, аллақачонлар,
Довдирабми, алаҳлаб — беҳуш,
Номаълум бир эшикни очар,
Ҳали билмас: дўзахми, беҳишт.


* * *

Бу дунёга келмадим, ахир,
Ўз номимни ёзмоқлик учун.
Менинг номим шамолда тўзғиб,
Ёмғирларда оқмоқлик учун.
Саратону қаҳратонларда
Бола каби яшайман ўйнаб —
Пешонамга тушмайди ажин.
Мангуликка қолмоқни ўйлаб.
Қилмагайман вақтга хушомад,
Совураман қўлёзмаларни.
Ёмғир ювиб кетар бешафқат
Қалбимдаги кул ёзмаларни.
Кўкрагимда гуллайди маҳзун
Шу беэга тупроққа шафқат.
Ўргатаман бўғзим, лабимни
"Ватан" сўзни айтмоққа фақат.
Мен ўламан — тобутда руҳим
Хавотирдан туради тикка...
Ватан, сенга бу танҳо жоним
Улгурдими қоришмоқликка?


* * *

Бўлиниб боряпман минг бир бўлакка,
Она, оқибатим адашиб кетди.
Болам, қаерларда қолди шафқатим?
Севгилим, лабимни йўқотиб қўйдим.

Бўлиниб боряпман минг бир бўлакка,
Душманим бахтиёр — қаҳрим қаерда?
Нега бунча пастман — қаерда бўйим?
Оёғимдан қачон ажралиб қолдим?

Бўлиниб боряпман минг бир бўлакка,
Хотирам йўқликка қоришиб кетди.
Селдай оқиб кетди кўксимдан юрак,
Фақат хаёл тошдай қотди бошимда.

Чиноринг тагида бўлиниб ётибман —
Шунда бир сўз баргдай лабимга қўнар:
"Ватан" дейман, такрор айтаман: "Ватан"...

Бирлаша бошлайди юрак, ақл, тан...


* * *

Шу кунлар тўлиқиб — дард бўлиб юрибман.
Кўнглим дарёсига ғарқ бўлиб юрибман.
Гоҳида боғларни тутар баҳорим,
Гоҳ қуруқ навдада барг бўлиб юрибман.
Гоҳ замон йўлида тинч кезар руҳим,
Гоҳида кажрафтор чарх бўлиб юрибман.
Бошимда тоғ каби ғамларим кўпдир,
Дунёга ташламай — мард бўлиб юрибман.
Фаришта очмади кўнглим дафтарин,
Шайтонлар дарсида шарҳ бўлиб юрибман.
Олам, тўрт тарафинг бошимга дўнар,
Барчасин рад этиб — Шарқ бўлиб юрибман.
Гоҳида тошдирман, гоҳида денгиз,
Гоҳ ёлғиз — гоҳида халқ бўлиб юрибман.
Ўзимдан кулибу сен учун йиғлаб,
Ғуссанинг аршида ҳақ бўлиб юрибман.


* * *

Изтиробдан
Юрак юксалиб борар,
Теранлашиб борар,
Борар кенглашиб,
Гўштликдан
Асабга айланиб борар,
Тобора боради руҳга тенглашиб.
Изтиробнинг мунглиғ туманларида
Тентираб юраркан ўзлик — митти чўғ,
Кечиб вазнсиз тўғонларидан,
Сокин туташади кўнгил билан кўк.
Изтироб — умрнинг хазонлигида
Кунларинг ҳақ сари ташларкан қадам,
Қалб чиқиб бетартиб тўғонлигидан,
Кўради: ўлиму ҳаёт бир қадам.
Сенга ниманидир айтмоқчи бўлар,
Соғинчдан титраниб мангулик лаби —
Сенга
Ҳамма нарса
Осон туюлар:
Ўлим — яшамоқнинг давоми каби...


* * *

Қурбон қушнинг патлари каби
Руҳим — тўзғин, юрагим — тўзғин.
Қонли базм қурмоқда, раббим,
Вужудимда уйғонган қузғун.
Дардларимнинг соҳили йўқдир,
Шамоли йўқ, шакли йўқ — туман.
Юрагимнинг булбули — сурур
Ухламоқда ғофил уйқуда.
Қурбон қушнинг патлари каби
Йўқ бўламан учиб, тўзғиниб...
Қалб туғилар йўқликдан, раббим,
Най қилади қонли бўғзини...


* * *

Кечалари юрак санчади,
Тутунларга тўлади бошим.
Рутубатли тунни янчгани,
Руҳимда бир порла, қуёшим.
Кундузларим маним — лаҳзалик.
Туним — узун. Узун. Беадад.
Юрак — яна битта ларзалик,
Жоним — яна бир оғриқ фақат.
Кўкрагимдан келиб босади
Тош тунларнинг бефарқ тошлиги.
Бўшлиқларга ўзин осади
Адашибми келган ёшлигим.
Туним — узун. Узун. Масиқиб
Тунни судрар тентак шамоллар.
Деразамга бойқушлар қўнар,
Қўнар жуда ёмон хаёллар.
Ёнар, эрир гуноҳкор бардош
Дўзахларнинг шундоқ ёнида...
Туғилади руҳимда қуёш —
Ҳаёт-мамот жараёнидан.


* * *

Тахтли кўнгил — фақир бўлгин,
Бахтли кўнгил — ҳақир бўлгин,
Баҳордан кеч — таҳир бўлгин —
Ўзинг сўнг бир чечак ўстир.

Тош бўлмагин — оқиб тургин,
Гоҳ-гоҳ ўзни ёқиб тургин,
Кўкка ҳар дам боқиб тургин —
Умиддан бир печак ўстир.

Расмингга боқ, кўпдир ёлғон,
Ярминг — раҳмон, ярминг — шайтон,
Эл коридан толмайдиғон—
Билак ўстир, билак ўстир.

Бўлсин десанг эл қариндош,
Аввал қилгин ўзингни фош,
Берай десанг ёлғонга дош —
Тилак ўстир, тилак ўстир.

Одамгамас, ҳаққа ишон,
Сен ким бўлсанг — шудир замон.
Кўксингни буз, этгин вайрон —
Қайтадан бир юрак ўстир.


* * *

Дунё қотди бешамоллиқда.
Ҳаёт... баттар тортмасин деб дим,
Бош кутардим окопдан тикка:
— Ҳаммангизни, душман, кечирдим!

Меҳру шафқат шамоли эсди,
Ғаш ариган менинг кўнглимдан.
Кечирдиму мен баланд ўсдим,
Қуролни ҳам отдим қўлимдан.

Кечиримсиз яшайсиз бунча!
Ўқ отилди. Ҳаво тортди дим.
...Ўқ бағримни тешиб ўтгунча,
Ҳаммангиздан узоқ яшадим.


* * *

Аввал яшашни ўрган.
Кейин ўлишни.
Кейин
Сочилган суякларингни йиғиб,
Яна жон ато қил ўзингга-ўзинг.
Сўнгра ўлимнинг кўзига тик қара.
Жонингни олса олибди-да!

Жони ширин одам,
Бир марта ўлмай туриб,
Ўзингни қандай қайта қурмоқчисан?


* * *

Юзинг қийшиқ бўлса,
Ойнадан ўпкалама.
Мақол.

Подшоҳ ғазабланди.
Подшоҳ бўкирди:
— Бу ойна қийшиқдир!
Ойна — фитнакор!..
Ҳамма бир сесканди —
Яшинми урди,
Улгурмади юзин беркитиб девор.
Жаранг...
Ойна синди.
Уламо — мустар...
— Бошқа ойна топинг!
Тўп-тўғри ойна!..
Яна бир ойнани келтирар уста,
У ҳам чил-чил бўлиб,
Йиқилар лойга.
Хизматкорлар титрар,
Вазирлар ҳайрон.
Устага маънодор ташлашади кўз...
У қийшиқ бир ойна келтириб, шу он
Салтанат пойида
Тиз чўкар бесўз.
Ҳамма енгил тортар.
Ҳукмдор хурсанд!
Қийшиқ юзларида
Қийшиқ табассум.
Бир пасда ойнанинг атрофи тирбанд:
— О, ана ҳусну,
О, мана ҳусн!
Тахтида типирлаб
Хахолайди шоҳ:
— Бунча бўлмасанглар хунук башара!
Ва олий фармойиш беради ногоҳ:
— Бошқа ойналарни
Синдириб ташланг!
Ҳамма фуқарони
Саройга тўпланг,
Бизнинг ойнамизда ўзларин кўрсин...
Ойнага боқиб халқ
Гувлайди бир дам:
— Шоҳим,
Сизга чирой муборак бўлсин!
Тахтида типирлаб
Хахолайди шоҳ:
— Бунча бадбашара бўлмасанг, эй, халқ!
Оломон
(Энди у халқ эмасдир, оҳ!)
Ғамгин пичирлайди:
Подшоҳим,
Сиз — ҳақ!
Бу юрт энди ўзин кўрмоқчи бўлса,
Боқади шу қийшиқ ойнага чунон...
Боқади:
Тўғри йўл
Чалкашдир роса,
Эгри йўллар эса тўп-тўғри, равон.
Хотира қийшиқдир,
Ўй-хаёл — қийшиқ.
Юраклар — қийшайган,
Қибла — қийшайган,
Ҳатто қийшиқ қилиб айтилар қўшиқ,
Шиор: "Тўғри юрма!
Чалкаштир!
Айлан!"
Ўйинқароқ бола,
Сен нечун гирён,
Қайдан топиб олдинг ойна бўлагин?
Нега йиғлаяпсан?
Кўрдингми аён?
Тўп-тўғри дунёнинг этсиз сўнгагин?
Подшоҳлар ҳам ҳатто
Хом ишга қодир —
Ойнадан бир парча омон-ку, омон!..
Бола,
Энди сенга яшамоқ оғир.
Энди сен яшовчи дунёга осон...


* * *

Пўлатдан зирҳ кияр Европа,
Қамоқ қурар, танклар қуяди.
Доҳийларни суяди кўплар —
Қатиққўллигини суяди.

У томонда тилларда Гитлер,
Биз томонда — ўртоқ Сталин.
Ва қийшая бошлар Она ер —
Бузилади мувозанати.

Аммо Париж кўчаларида
Кезар экан негадир маълул —
Рильке гадо аёл қўлига
Таъзим билан тутқазади гул.

Чархнинг сезгир мувозанати
Тарозида тенг тортар бир зум.
У томонда — Гитлер, Сталин,
Биз томонда — битта қизил гул.


* * *

Деразамда икки қуш
Суҳбат қурди ўзича:
— О, нақадар одобли,
Камтар махлуқ мусича!
Ана, кезар майдонда
Бир жуфти — мўмин, қобил —
Топиб олишса бир дон
Бўлишади тенг, одил.
Уларга ёт жанг-жадал,
Тумшуқ билан уруш йўқ.
Ҳурпайганча қўрқитиб.
Қанот билан суриш йўқ.
Роса ўтди жонимдан
Паррандалик кучлари!
Мусичага тортсайди
Бу дунёнинг қушлари...
— О, маликам!
Подшоҳга
Бир оғизлик сўзингиз —
Сўнг қушларга боқсангиз
Лол қоласиз ўзингиз.
Булбуллар ҳам, қузғун ҳам
Бир қафасга жойлангай,
Бир кечада бургутлар
Мусичага айлангай...
— Жим бўл!
Суҳбатимизни
Шоҳ билмасин ҳеч қачон.
Мусичага тўлгуси
Бир зумда еру осмон.
Боғларда турфа-турфа
Сайроқилик сўнгиси,
Мусича соғ қолару
Бошқа қушлар ўлгуси.
Жим бўл! Эси паст каниз!
Тошларга этгин тақлид...
Деразамда икки қуш
Суҳбат қурди шу тақлид.
Боғда эса донларди
Мусичалар бепарво.
Қарғалар қағилларди,
Булбул сайрарди ҳатто...


ҚИСМАТ

Ҳали ёрилмаган
Янги пешонам,
Жим тургин —
Деворлар ураверсин дўқ.
Қанча пешонамни, ахир, ёрганман,
Аммо
Бирор девор қулагани йўқ.


ХАВОТИР

Менинг ўнг қўлим бор,
Менинг сўл қўлим.
Ўнг томоним — бўм-бўш,
Сўлида — юрак.
Юраксиз томонда
(Билмайман ўзим!)
Юраксиз бошим ҳам бўлиши керак.


* * *

Қуёш бор, биз — ғолиб — кунлар кулдилар,
Оламнинг ярми биз — тунлар кулдилар.

Тунлар тугасин деб мен ҳам ёнгандим,
Қисматинг — биз дея қуллар кулдилар.

Йўқ, дедим, ўзимни фалакка отдим,
Устимдан занжирлар, ғуллар кулдилар.

Синган қанотимни элга кўрсатиб,
Оламни тўлдириб қуллар кулдилар.

Ҳали ўлмаган бу жонимни йўқлаб
Йиғлай олмадилар — мунглар кулдилар.

Қара, мен сарғайдим, мен хазон бўлдим,
Аммо юрагимда гуллар кулдилар.


* * *

Изиллаб ёвуқ-ёвуқ.
Жонга тирмашди совуқ.

Совуқ... Олам торайди.
Дилимда гул қорайди.

Кўксимда изғиринлар.
Кўксимдаги муз — кимлар?

Кимлар — бу бемаҳал қиш?
Кимлар — мени беянглиш —

Топиб келган йиртқичлар,
Юракларни йиртгичлар?

Кимлар?.. Жим... Отилди ўқ.
Ёмонликнинг исми йўқ.


* * *

Эллик йил аввал ҳам у чечан эди.
"Абдулла Қодирий миллатчи" дерди.

Минбардан жон олиб, улашарди жон.
"Йиғлоқи" — Ойбекка берганди унвон.

Берия сурати осиқ хонага,
Гўё кечиккандай қизиқ кинога —

Шошиб борар эди, чайқар эди бош,
Кимни эслатишса — отар эди тош.

Усмонми? О, душман!... Инглис! Француз!
Яхши билмайману... Ишқилиб, жосус.

Бу одам изида қанча мозор бор,
Чиркин кўкрагида ҳамон бозор бор —

Ҳамон савдо қилар, ҳамон сотади.
Энди тошларини пусиб отади,

Энди ўтган умрни қилиб ҳимоя
"Тепа"га чиқади: — Фалон беғоя...

Кечаси мўйловдор суратга боқмай,
Эски қоғозларни титар пайдар-пай.

Сурат-чи, буюрар шошилмай, эркин,
— Қани, тошларингни қайтариб бергин!

— Йўқ,— дейди у одам, — керак ўзимга!
Сўнг отар тошларни сурат юзига.


ЎТТИЗ САККИЗИНЧИ ЙИЛ. ЛАГЕР

Бу ерда фақат тун. Фақат тун. Тун. Тун...
Азоби — қабрга боришдан узун.

Қаҳратон муаллим беради таълим —
"Сталин билмайди, ўртоқ Сталин"...

Куздан баҳоргача тайга зим-зиё.
Музлаб ўлмадингми, Ўрта Осиё?

Қалбинг-ку қамалди, йитди, отилди,
Кимлар иғво ёзди, кимлар сотилди.

— Тўхтагин, отаман! — ҳайқирар нозир...
"Сталин билмайди, билсайди ҳозир..."

Кимга кераксан, эй, сабил қолган жон?
Бир бало бўлади! Қайнаяпти қон.

Тикан сим! Нимасан? Кимсан ўзи? Ким?
Баданни тиканинг тилади сим-сим...

Бошимга энгашар ёшгина соқчи...
— Соқчи, ўлмадимми, кўзимга боқ-чи!...

Тошкентда бир аёл пичирлар ғамгин:
— Сталин!... Билмайди ўртоқ Сталин...


* * *

Бу ёлғон чаққондир,
Бу ёлғон — чапдаст.
Қочдингми — қувониб
Қувишин қўймас.
Бу ёлғон — фитначи,
очдингми — ёмон —
Ўзини ботир деб
Қилади эълон.
Бу ёлғон — ақлли,
Бу ёлғон — айёр.
Курашчи деб ўзин
Аташга тайёр.
Сен бўлса, уятчан,
Кўнгилчан одам,
Сурбет бу ёлғондан
Қочиб бораяпсан.
Тўхта! Раҳминг келсин
Ўзинг ўзингга.
Ғижиниб бир қара
Ёлғон кўзига.
Гарчи у фитначи,
Гарчи у чапдаст,
Ҳали ҳақиқатни
Енголган эмас.


БАЛЛАДА

Кўзимдан кўра
Юрагим кўпроқ йиғлади.
Оёғимдан кўра
Югурди кўпроқ.
Қўлларимдан ортиқ
Меҳнат қилди у.
Лабларимдан ортиқ
Лабларни севди.
Ватанни севди у
Жонимдан ортиқ.

Кўзимни мақтадилар —
Оёғини тагини кўради.
Қўлларимни мақтадилар —
Жуда меҳнаткаш.
Лабларимни мақтадилар —
Оғизни очирмайди.
Оёғимни олқадилар —
Беминнат югурдак...

Юрагим ёнидан жимгина ўтдилар.
Қичқирдим:
— Ҳей, қаранг, юрагим бор, мана!
— Душман! — дедилар улар.
— Душман — дедилар
(ўйлаб ўтирмай).


* * *

Сизга заррача йўқдир ҳасадим,
Фақат турналарга қалбимда ҳавас.
Улар ўтар экан, тирик жасадим
Туб-тубида руҳим қўзғалар бесас.

Юрагим кўксимга қайтиб қўнади,
Бахтли шамолларда ярқирар манглай...
Шундай озод қушлар қандай ўлади,
Шундай озод қушлар яшайди қандай?


* * *

Отланмоқда ёлғон лашкари
Ёлғон юртни этмоқ учун забт.
Келолмайсан эвди мен сари —
Сени кўрмай ўлгум, ҲАҚИҚАТ.
Қуёш бўлса...
Чиқади қуёш —
Худди сендай алвонранг, шонли.
Эси йўқ бу ёнаётган тош
Аввал уфқда сўяди тонгни.
Заққум босган элнинг тузида
Ҳали шайтон яратган кундуз,
Фақирларнинг нурсиз кўзида
Сўниб борар энг сўнгги юлдуз.
Қасрларда ўзларин ўйлаб
Қуришади шайтонлар мажлис.
Шаънларига ҳамдулар сўйлаб,
Чўксин учун бечоралар тиз.
Куп-кундузи қалбларга кирар
Қип-яланғоч фоҳиша — ёлғон.
Оналарнинг қоқ кўксин силаб
Чақалоқлар бўлади қурбон.
Она тупроқ, не гуноҳ қилдик,
Не тиғ ботди банд-бандларингга?
Нечун ўлим қиласан тортиқ
Кўзи кўр бу фарзандларингга?
Мен тошларга бошимни урдим,
Деворларга урдим бошимни,
Ёлғонлардан тамом юз бурдим,
Ҳақиқат деб тўкдим ёшимни.
Қаердасан, келгин, Ҳақиқат!
Қара, ҳамма юраклар доғли.
Сенинг умринг абадул-абад,
Менинг куним фақат саноқли...


* * *

Қаҳру ғазаб соврилди елга —
Елдан уни қилмайман талаб.
Энди раҳмим келгани келган
Нотўкис бу дунёга қараб.
Дўстларимнинг азиз бошида
Айланади қилич сояси —
Эримайди кузим ёшига
Мустабидлик — шайтон қояси.
Чарх уйинин ташлайдигандай...
Қатлимга тиғ қайрайди ғаним.
Гуё мангу яшайдигандай,
Олмагандай ўлимдан таълим.
Дўстим, сенинг жонинг беқалқон,
Ғаним, нима умрнинг нархи?..
Бир кун ҳаёт бўлади армон —
Сизга раҳмим келади, раҳмим!
Подшоҳларга раҳмим келади,
Даҳоларга раҳмим келади.
Фуқарога келади раҳмим,
Бечорага раҳмим келади.
Хасларга ҳам раҳмим келади,
Пастларга ҳам раҳмим келади,
Ўқларга ҳам келади раҳмим,
Йўқларга ҳам раҳмим келади.
Мушти тугук, ранги бўзарган
Ғазабкор бу дунёдан толдим.
Эзгуликни гулдай кўтарган
Кўнглим билан юзма-юз қолдим.
Бу очунга қанча гул бердик!
Қай тикандан, кўнгил, ёмонлар?..
Фаришталар гулларни терди,
Гул олмади аммо шайтонлар.


* * *

Одамларга кўча-кўйларда
Вужудингиз кетар қўшилиб.
Гўё эзгу, одил ўйларда
Бораётир оллоҳ қўшини.
Зеро, кўнгил йўлбошчи экан,
Қибла эрур тўрт тараф бори,
Тўрт тараф ҳам бир кун, даъфатан
Олиб чиқар ҲАҚИҚАТ сори.
Аммо Шайтон ажратиб қўйди
Бу дунёнинг инсонларини.
Одамларнинг қалбида қурди
Чегаранинг тиконларини.
— Мен билан юр!
— Мен бошқа йўлдан...
— Сен — душманим!
— Сен ҳам менга ёв!
Кўнгил йўли элтувчи маскан
Яктолигин англамас биров.
Ғазаб асир олмишдир сизни,
Бесабрлик — энг улуғ расм.
Асрамайсиз бир-бирингизни...
Энди сизни худо асрасин!


ОНАМГА ТАСАЛЛИ

Ҳамма мендан миннатдор,
Ҳамма очади қучоқ.
Аммо қайдан қадалган
Елкамга бунча пичоқ?

Пичоқ камайса бўлди —
Қайтариб бермайман мен..
Она, хавотир олманг,
Елкам — осмон каби кенг.


* * *

Хайр-хўш йўқ — жўнайман бехос
Соғинчнинг ҳур сўзига кўниб.
Бойсун менга чиқади пешвоз
Оқдовонда бойчечак бўлиб.
Адирларнинг чўнг елкалари
Алвонлашиб бораётган пайт,
Мен беуқув соғинчим билан
Бойчечакка тўқийман бир байт.
Тоғдан келар шамол — ҳор исли,
Баҳор бўйи уфурар даштдан.
Қишнинг улкан ҳасратин митти
Чечак сўзлаб берар бир бошдан.
Шаҳарга юр, десам — кўнмайди,
Бош чайқайди, илдизнинг қули...
Узилсанг ҳам сира ўйламайсан,
Ҳеч сўлмайсан... Тўғрими, гулим?


* * *

Бу тош ғариб эди тоғлар пойида
Қоялар қошида жуда хор эди.
Тенг эди пастларнинг чангу лойига,
Ҳиммату мададга балки зор эди.

Мени келдим. Тош бўлиб йиғлар эди тош —
Соғиниб юксакнинг ҳаволарини.
— Тошжон!— дедим,— Тошжон! Қўй ўзингни бос!
Англадим дардингнинг даволарини.

Мен тошни кўтариб тоққа жўнадим,
Ўрларга ўрладим қаддимни букиб.
Сирқираб майишди ҳар бир сўнгагим,
Пешона теримни жаладай тўкиб.

Фалакка сапчиди борган сари йўл,
Қутуриб қўзғалди ўрнидан жарлар.
Менинг оёғимда энди титроқ мўл,
Менинг товонимда беҳисоб хорлар.

Тош бўлса, тош бўлиб ётар елкамда...
Тобора танимни тарк этмоқда куч.
— Тошжон!— дедим,— Тошжон! мен бир елканман
Мендан мадад ол-да,
Энди ўзинг уч.

Залворидан бошқа бир саси йўқдир —
Тош бўлса, тош бўлиб ётар елкамда.
Суягим ғижирлаб йиқилдим охир —
Мен — қотган тўлқинлар енгган елканман!

— Тошжон! — дедим.— Тошжон! Мен адо бўлдим,
Сен бундай ётмагин! Ўрнингдан тур! Бас!
Мендан мадад кутма — жо бажо бўлдим,
Ўзингдан кўмак топ — тоғларга тирмаш!

Тош бўлса, тош бўлиб йиғлади бетин,
Беун лаънатлади, беун қарғади:
— Мен юксалтирмай йиқилди нечун?
Бу одам алдади, Мени алдади...


* * *

Занжирларни уздим,
Ғулларни буздим.
Охир зиндонни ҳам айладим вайрон.
Эркин ҳаво билан ҳур базм туздим —
Ўйнадим беармон,
Кулдим беармон.

Мендан кулма, бола!
Ҳей, мендан кулма...
Сезяпман, курашли тақдирларингни.
Бузмоқ — энди сендан,
Узмоқ — энди сендан —
Менинг мен кўрмаган занжирларимни.


* * *

Тун ярмида саратон ҳам
Ҳокимлигин ташлади.
Кўкси ҳамон ёниб ётар
Ялангдаги тошларни.
Пастда эса сой оқади
Юлдузлари йилтираб.
Салқинида шабодалар
Кезинишар дийдираб.
Тошлар ногоҳ жовдирашиб
Боқишар теваракка.
Сўнгра қатор чиқишади
Ёлғиз оёқ йўлакка.
Лапанглашиб, судралишиб,
Пишнаб боришар бари —
Энг чидамли, энг армонли
Дунёнинг гўдаклари.
Секин-секин боришади
Бир-бирини судрашиб.
Бир-бирига йўл беришиб,
Бир-бирини суяшиб.
Секин-секин боришади...
Пастда эса оқар сой —
Қучоғида чўмилади
Титраб-титраб тўлин ой.
Тошларнинг чўнг танларида
Бир беуқув ҳаяжон...
Ногоҳ хўроз қичқиради,
Кўринади ногоҳ тонг.
Чўмилётган юлдузларин
Самоват йиға бошлар.
Шошибгина, мустаргина
Ортга қайтишар тошлар.
Ялангликка чўзилишар
Улар яна беозор.
Чатнаб кетган танларида
Ҳозир тушган ёриқ бор...

Оролдан то Ўшга қадар
Жазирама бошланди...
Кўкраклари қизиб борар
Ўзбекистон тошларин.


* * *

Юравер. Қолма йўлдан.
Қолган қолар. Ачинма.
Чўчима ҳеч нарсадан —
Ўзбекистон олдинда.

Ботир бўл. Олға югур.
Қўрқма ҳар хил қотилдан.
Ахир, тоғдек суянчинг —
Ўзбекистон ортингда.


* * *

Мен бахтдан бебахтлиғ топдим — оқибат гап шунда,
Роҳатдан заҳматни топдим — оқибат гап шунда.
Шафқату раҳматни топдим деб ўйладим бекор,
Қарғишу лаънатни топдим — оқибат гап шунда.

Теграмда "ё ҳақ" деб жинлар, шайтонлар кездилар,
Билмадим, қай фалакда пок имонлар кездилар,
Бу гулистон ичинда кўп илонлар кездилар —
Дўзахий жаннатни топдим — оқибат гап шунда.

Руҳимга айтдимки, энди уйғон — самандар бўл,
Қонимга айтдимки, энди қўзғол — қаландар бўл,
Кўксимга айтдим, кураш ўтида мунаввар бўл,
Ўзимдан ҳимматни топдим — оқибат гап шунда.

Кўп сўзни ёздим, аммо қоғозга рост тушмади,
Ақлимдан тош тушмади, кўзимдан ёш тушмади,
"Ватан"дан бошқа бир сўз қалбима мос тушмади —
Шу сўздан журъатни топдим — оқибат гап шунда.

Умримни ҳадя этарга, хайрият эл бордир,
Жон берарга Сир-Аму ўртасида ер бордир.
Ўлсам арзир, қолсам арзир — қалбимда эрк бордир,
Бенажот шиддатни топдим — оқибат гап шунда.


ҚИШКИ КЕЧАЛАР

Узун кечалар келди.
Хатони кашф этмоқни,
Хатони маҳв этмоқни
Ўйлашга етди фурсат.
Узун-узун гуноҳлар
Чуваланиб, томоқни
Сиртмоқ мисол ўрагай —
Жимгина боқар зулмат.
Узун кечалар келди.
Узоқлашди шомдан тонг.
Қайга бошлаб борар бу
Хотиранинг йўллари...
Мендан ҳадик олмагин,
Сени сотмайман, замон,
Бировнинг бўғзидамас,
Ўз ёқамда қўлларим.


* * *

Қишга "хайр-хўш"ни ийманиб айтди,
Баҳорга — кўнгли бор — ним жилмайди март.
Менинг кетган дўстим бир тунда қайтди,
Бир тунда куртакни ёриб чиқди барг.

Мен боққа югуриб чиқдим. Қўлимга
Ишонмай, лабимни текказдим — ўша!
Бу ўша — кузда жим борган ўлимга,
Тупроққа қоришган — одамга ўхшаб.

Ахир, сирлашганман у билан қанча!
Саҳарлардан яна отгунича тонг,
Яшилликдан токи хазон етгунча,
Руҳим қувонганча, қийналганча жон.

Ҳамиша бор эди бир улкан бахтим —
Боғда сайр қиларкан, бир лаҳза тўхтаб,
Тинглардим елдаги юракча зарбин,
Сўнгра ҳузурига борардим йўқлаб.

Нени шивирларди?
Яшаш қувончин, ,
Ўлимнинг даҳшатин айтарди такрор.
Куларди ям-яшил кўнглини очиб —
Биров тушиндими барг ҳам бахтиёр.

Барг, нега ўйландинг?
Нега ҳайронсан?
Наҳот, ҳали сенда йўқдир хотира.
Тушундим — у баргга мен сингил, дейсан,
Дейсан — ишонмасанг, дарахтдан сўра.

Мени ая, эй, барг! Мени аяган!
Айтгин: мен — ўша дўст — келдим фанодан...
Кўнглимда нур сочган яшил чироғим,
Наҳотки, барглар ҳам қайтмас дунёга?

Мени алда, эй, барг! Аддагин, майли!
Қора, вужудимда руҳим — қари қуш.
У эндк янга дўст орттиролмайди —
Кетган дўстларини соғинар ҳануз...

Мен боққа югуриб чиққандим далли,
Барг билан гаплапшб, серрайдим бебахт...
Сен нега берасан менга тасалли,
Сендан урганаймн яшашпн, дарахт?


* * *

Азпз Абдураззоққа

Дарахтларни зулумот кўмди.
Дарахтларга қарғалар қўнди.
Зулумотни оралаб, нохуш
Қанот қоқиб, ўтди бир бойқуш.
Бир ваҳима!.. Ҳасрат!.. Шўрлик тун
Деразангга суянди беун.
Хонанинг бир бурчида мироқ,
Сендан тортди ўзини йироқ.
Юлдузлар йўқ қора фалакда...
Сен хонангда шу қадар якка —
Не учун, деб ўкирмоқ мумкии,
Исен қилмоқ, сўкинмоқ мумкин
Сен-чи, тунга боқасан шу пайт.
Тилларингда айланар бир байт:

«Куз! Ҳасратда адо булган куз!
Боғда яланг юрмагин, ер — муз...»


* * *

ҚОЗОҚ ШОИРИ КЕНГИШЛИК МИРЗАБЕКОВ
ХОТИРАСИГА МАРСИЯ

Ўлим бордир — тириклик юксалишда доим ҳушёрдир.
Тирикларга тирикликдан жабру ситам лек бисёрдир.
Қаро тупроққа кирмоқдан энди мен не учун қўрқай—
Қаро ернинг тагида сен каби бир яхши дўст бордир.


ЯХШИ ОДАМ

У — осмондан тушган даҳрий қуш —
Ёқиб юксак ҳаётларини,
Одамларга инъом қилар хуш —
Юлдуз ҳидли қанотларини.

Ошналикка уни танлашар.
Кўйлак каби, пойабзал каби.
Ҳамма билан кечдан тонглашар,
Аммо хира бўлмайди таъби.

Майсалардай яшар оламда,
Айёр-айёр ишлардан басир.
У одам деб боқар одамга
Ва тушади ҳаммага асир.

Ҳаётга кўп тикилиб боқмас,
Бир қараса — ҳамма гап аён.
Жилмайганча туради бесас,
Унга заҳрин тўкаркан чаён.

У шаробни бирдам совутар,
Кўзин юмиб симирар дам-дам,
У ўзини ўзи овутар,
Овутади бошқаларни ҳам.

Тортинчоҳни жилмайиб суяр,
Далда берар журъат узатиб.
У ҳаммани кузатиб ҳўяр,
Уни ҳеч ким қўймас кузатиб.

У ҳеч кимга қардли эмас,
Ҳеч ким билмас асл отини.
Ёлғондан ҳам "ёлғизим" демас,
Унинг ростгўй,
Эрка хотини...


* * *

Саҳро — чексиз жондор — мени ютади,
Ютади тўрт тараф — турт тубсиз уммон.
Тундай фожиамни тунлар кутади...
Хавотир ҳоритди. Мен қурдим қўрғон.

Унинг деворлари нақадар баланд!
Тирмашиб ярмига аранг чиқар ой.
Қиличлар синади. Ўқ беради панд.
Бекорга чираниб титранади ёй.

Қўрғон! Ўзим — қўрғон, ҳей, баланд қўрғон!
Собит деворларинг нечун толмайди?
Душман киролмайди сенга ҳеч қачон,
Аммо дўстларим ҳам кира олмайди.

Эркин яшолмадим ёруғ дунёда...
Теграмда, оҳ, қанча қўрғонлар бордир.
Фақат бир ҳикматни билдим зиёда —
Кураш мудом кенгдир, сокинлик тордир.

Фалокат, кириб кел қўрғонларимга
Темир дарвозани йулдан оздириб...
Куксимнинг юраксиз томонларидан
Саҳро — чексиз жондор келар бостириб.


* * *

Қаро тунда — Бойсун тоғида
Учта дўстим ёқади гулхан.
Ва гулханнинг тегарасида
Қоронғулик зич тортар бирдан.
Арчаларнинг тинч шохларида
Липиллайди гоҳ нур, гоҳ кеча.
Дараларнинг адоғларида
Тош оралаб, отлар сув кечар,
Хаёл ичра тинч оқар суҳбат —
Савол ухлар, мизғийди жавоб.
Тоғ бағрида тоғларни қўмсаб,
Учта дўстим ичади шароб.
Шаҳардан бу йироқ осмонда
Ҳамма юлдуз порлоғу йирик.
Қорли тоғлар сокин бу онда
Ўсишади осмонни йириб.
Юраклардан кетар изтироб,
Юракларга киради кўклам.
Учта дўстим — уч подшоҳ шу тоб —
Улар мени эслашмайди ҳам.
Учта дўстим ёқади гулхан,
Худди тушдай оқар сўзлари...
Кенг фалакда омонат турган
Юлдузимга тушмас кўзлари...
 
БАЛЛАДАЛАР

БИРИНЧИ БАЛЛАДА

I

Кенжа ботир

Кетгим келаяпти, акалар, кетгим...

Тўнғич ботир

Укам, англаб етгал, замин — юмалоқ.
Майли, бир шаҳд қил-да, Мағрибга етгил,
Эртаси Машриқдан қайтасан бироқ.

Ўртанча ботир

Қанча югурмагил битта макон бор,
Бошингда айланар бир барҳақ замон.
Кетма, укажоним, бўларсан хор-зор,
Учириб кетади руҳингни тўфон.

Кенжа ботир

Кетгим келаяпти, акалар, кетгим,
Жодугар уфклар тортар ақлимни.

Тўнғич ботир

Чиранма, укажон, яшайверган жим,
Кун кўрган қадрлаб сокин бахтингни.

Ўртанча ботир

Дарахтга қарагал, бир жойжа ўсар...

Кенжа ботир

Йўқ, у ўсаяпти осмонга тикка!
Оламни чарх уриб айлангим келар
Илашиб, қўшилиб бир ёруғликка...


II

Кенжа ботир

Акалар, мен қайтдим!

Ўртанча ботир

Қани, қайдасан?

Тўнғич ботир

Ўзингни йўлларда қийнадинг бекор,
Биз сенга айтдик-ку — бир кун қайтасан,
Бу илиқ маконни айлаб ихтиёр.

Ўртанча ботир

Биз сенга айтдик-ку, замин — юмалоқ,
Югурган одамнинг аҳволи қизиқ —
Югуриб-югуриб қараса бир чоқ
Олдидан чиқади ўз уйи сузиб.

Кенжа ботир

Акалар, соғиндим!

Ўртанча ботир

Қани, қайдасан?

Кенжа ботир

Тубанга қараманг, юксакка боқинг!

Тўнғич ботир

Қанақа сафсата гаплар айтасан...

Ўртанча ботир

Қандай маскан қилдинг фалакнинг тоқин?

Кенжа ботир

Югурдим — баландга ўрлади қалбим,
Югурдим — қанотга айланди қўллар,
Югурдим — эшитиб замоннинг зарбин,
Югурдим — баландга кўтарди йўллар.

Тўнғич ботир

Қани, пастга тушгин, пастга туш, тезроқ!

Ўртанча ботир

Бизни тупроқ билма — ёшимиз улуғ.

Кенжа ботир

Йиллар манглайимга ёзганин шундоқ —
Энди тегишлиман самога тўлиқ.
Юксакдан бир қаранг:
Нақадар бадис,
Нақадар димиққан сиз турган макон.
Унинг қучогида йўқолар беиз,
Оқмасдан бир жойда бижгиган замон.
Қўйинг тубанларни!
Юксакка чиқинг!
Югуринг — сиз билан юксалсин ҳаёт!

Тўнғич ботир

Пастга туш! Ғазабим келмоқда лекин...

Ўртанча ботир

Тубанла! Юксакда нима бор, саёқ?

Кенжа ботир

Акалар, не учун бунчалар қаҳр,
Нечун қурол пайдо қўлларингизда?
Мен сизга юксалинг деяпман, ахир,
Учиб, ботқоқвужуд кўлларингиздан
Акалар, шошилманг!...
Оҳ, умрим абас!...
Ўқ тегди... Бир қалқиб тўхтади юрак...
Юксакка тиригим, наҳот, керакмас,
Наҳот, тубанликка жасадим керак?...


ИККИНЧИ БАЛЛАДА

Кенжа ботир

Менинг қўлим бўшмас,
Менинг қўлим банд.
Йиллар сезмадингиз — йиғладим беун.
Иккита қароқуш — иккита калхат
Иккита кўзимни чўқиди кун-тун.
Йиллар сезмадингиз — қулади осмон.
Иккита қўлимни кўтардиму даст
Уни тутиб қолдим... Бечора инсон
Ерда ҳасрат билан йўқ бўлмаса бас.
Менинг қўлим бўшмас,
Менинг қўлим баяд.
Мени "оғам" деган ботирлар қайда?
Кўзимни чўқийди иккита калхат
Жоним оғримоқда...
Калхатни ҳайданг!
Кафтларим куимоқда кавкаб чўғидан,
Қўлларим елкамга бормоқда ботиб.
Калхатлар эгалар қорачиғимга,
Дунёни қонимга ташлашар қотиб.
Мен сизга ҳеч қачон зорланганмидим?
Жонимдан тўйдирди
Калхатлар роса...
Қаранг, шом шафағи — қип-қизил — бетим,
Кўзларим қон тўла иккита коса.
Ботир акаларим, қйлинг ҳамият,
Қўл силтанг!
Қочишар — калхатлар қўрқоқ.
Ахир, қузғунларга ем бўлсам — уят,
Қўлимда осмонни кўтарганим чоғ.

Ўртанча ботир

Ақлли боласан, боқсам тарзингга...
Яна бир оз чида,
Қолмайсан ўлиб...
Ахир мен турибман мумтоз таъзимда,
Қара, кўксимда-ку иккита қўлим.

Тўнғич ботир

Укам, кечир мени!
Ўзи қолим танг...
Қўлим банд —
Ҳаммани ит каби тишлаб,
Бир асов улоқда қатнашаяпман,
Қандайдир тахтчанинг оёғин ушлаб.

Кенжа ботир

Акалар, осмонни тутиб турибман,
Қонимни ичмоқда калхатлар — ташна...

Ўртанча ботир

Сенсиз қам қанча ғам ютиб турибман.

Тўнғич ботир

Калхатларни ҳайда —
Осмонни ташла!

Кенжа ботир

Менинг ташвиши кўп бечораларим,
Ахир, яшаяпман сизга бахт тилаб.
Ахир, мен осмонни қандай ташлайин,
Осмон бошингизга тушар-ку қулаб.


УЧИНЧИ БАЛЛАДА

Кенжа ботир

Маликам, тулпорим тсрдан қорайди,
Кўҳи Қоф тарафдан қўзғолди тўфон.
Қуёш қочиб кетди, олам торайди...
Девлар ортимиздан келар бегумон!

Малика

Ботирим, девлардан қўрқмоғим ордир,
Севгинг — қўрқинчларни айлади бекор.
Менинг бир сеҳрли тароғим бордир,
Ташласам, йўлларни тутгай чангалзор.

Кенжа ботир

Маликам, чангалзор ўтдай ўрилди,
Йўқ бўлди, кул бўлди — бир боғ хас каби.
Яна ортимиздан девлар кўринди —
Оқ, бизни ажратмоқ улар матлаби!

Малика

Ботирим, девлардан қўрқмоғим ордир,
Севгинг — қўрқинчлардан айлади озод.
Менинг қудрати зўр бир кўзгум бордир,
Ташласам, улкан кўл бўлади бунёд.

Кенжа ботир

Маликам, махлуқлар йўқотди кўлни,
Шўрлик кўл қуриди — буруқсиб, буғланиб.
Девлар келаяпти чангитиб йўлни —
Ғазабдан кўкариб, тутаб, чўғланиб.

Малика

Ботирим, девлардан қўрқмоғим ордир,
Севгинг — менинг учун тасалли зиё.
Менинг бир сеҳрли қайроғим бордир,
Ташласам, баланд тоғ бўлади пайдо.

Кенжа ботир

Маликам, тоғимиз сув бўлиб оқди,
Эриди, йўқ бўлди метин тошлари.
Девлар келаяпти — машъаллар ёқиб,
Булутларга тегиб тоғдек бошлари!

Малика

Ботирим, девлардан қўрқмоғим ордир!
Севгинг — менинг учун беҳадик дунё.
На қайроқ, на тароқ, на кўзгум бордир
Энди менинг учун сен борсан танҳо.


ТЎРТИНЧИ БАЛЛАДА

Гулпари

Жоним, очман,
Жоним, ҳолим танг...
Севгим ҳаққи,
Бир парча нон бер.
Қора ботир — қурумсоқ эгам,
Қора ботир — марҳаматсиз эр!

Қора ботир

Тандирларда пишмоқда ноним,
Бир парчаси сенга муқаррар.
Бир кўзингни
Бер фақат, жоним,
Кўзинг гавҳар — бебаҳо гавҳар.

Гул пари

Ёнаяпман —
Жоним, ташнаман,
Севгим ҳаққи,
Бир томчи сув бер.
Фақат бошқа азоб бошлама,
Қора ботир — шафқати йўқ эр.

Қора ботир

Дарё тошқин — ошар соҳилдан,
Бир томчиси сенга муқаррар.
Фақат бергин,
Бу кўзингни ҳам...
Кўзинг — гавҳар,
Энг асл гавҳар.

Гулпари

Қора қилдинг ёруғ оламни,
Яна нечун қийнайсан, ахир!
Йиғлатасан —
Кўрлигим камми?
Қора ботир,
Қоп-қора ботир!

Қора ботир

Йиғла, пари,
Хун бўлиб йиғла,
Дарё бўлиб йиғла, муштипар!
Хазина бор оққан ёшинггда,
Ҳар бир ёшинг —
Бир дунё гавҳар.

Гулпари

Тўлғанаман қийноқда беҳол
Қамчи гулдек танимга ботур...
Улдир мени. Кел, ўлдира қол!
Қора ботир!
Зим-зиё ботир!

Қора ботир

Асрагайман жонингни тун-кун,
Зиндоннинг тош қафасларида.
Мен оламга
Гулни кўрсатгум
Гул унмоқда нафасларингдан.


БЕШИНЧИ БАЛЛАДА

Кичик одам

Менга шафқат қилгин, айлагин карам,
Ҳузурингга келдим, кўзимда ёшим...
Қарагин ҳолимга, эй улкан одам,
Қарагин,
Елкамда бировнинг боши.
Билмайман, бошимни ким олиб кетди —
Дунё билганича афсона айтар,
Ортиқ чидолмайман —
Дил ёниб кетди,
Улкан одам,
Менга бошимни қайтар!
Қандай қўрқинч бўлди сен қурган дунё!
Ҳамма елкаларда бировнинг боши.
Ким ўзин бошини авло билса, о,
Совуқ ўлкаларда қолди-ку лоши.
Энди "борса келмас" йўллари бекор,
Осмон — узоқ эмас,
Ер — қаттиқ эмас.
Ўзга бош остида қалб қолмасин хор —
Менга ўз бошимни
Қайтариб бер, бас!
О, менга қанчалар лаънат айтишди,
Сўкишди:
"Муғамбир, ўғри, муттаҳам!..."
Менинг танамда ҳам исён етишди —
Яшагим келмоқда.
Ўз бошим билан!

Улкан одам

Майда одам,
Жуда чарчадим мен ҳам —
Ўзимнинг бошимдан кўпайтиб нусха...
Шу тонгда кўзимни очдиму, бирдан —
Англадим:
Бу касбнинг умри кўп қисқа.
андай зерикарли экан бу олам!—
йламай, бир хил ранг чалпиб ташлабман
Қай фикр чиқмаса менинг бошимдан
Қанотини кесиб,
Топтаб ташлабман.
Юрагим сиқилиб яшадим ўзи...
Ким билан учрашмай, қайга бормайин,
Тиллардан тўкилар
Ўзимнинг сўзим.
Ўзимнинг йўриғим —
Айтилар тайин.
Истиқбол уфққа саробдай ботар...
Қарсаклар шиддати
Бораркан тошиб,
Барча елкаларда бамайлихотир
Турар менинг бошим,
Бир менинг бошим.
Аммо мен ақлимни еб қўйганим йўқ,
Асрадим ҳамманинг бошини алқол.
Ана, омборларда ётибди тўп-тўп,
Ўзингнинг бошингни
Бор-да, топиб ол!

Кичик одам

О, қанча таниш бош!
Кўп экан роса...

Улкан одам

Энди бу бошларнинг тақдири аниқ:
Эртага оламга қилгум овоза —
Кимга боши керак —
Қилсин эгалик.

Кичик одам

Мардликда, улуғ зот, Ҳотамдан ошдинг,
Мен шўрлик айтган бир додга етяпсан...
Улкан одам
Майда одам!
Шошма!
Ўз бошинг қолиб,
Яна ўзга бошин олиб кетяпсан.

Кичик одам

Мудом шундай:
Дилга қувонч келган пайт,
Киши ўз бошини йўқотар бирдан.
Улкан одам,
Энди бир сирни ўргат:
Мен қандай яшайман
Ўз бошим билан?


ОЛТИНЧИ БАЛЛАДА

Қоработир

Фалакни ғуборга тўлғазиб кўрдим,
Дўстимни ўлдириб топдим фароғат.
Шубҳага алмашдим ишончнинг ўрнин,
Онамни зўрлатдим —
Этдим хиёнат.
Оти йўқ эгарга элимни сотдим,
Душманга "оғам" деб айладим таъзим,
Шайтондан минг баттар қарғишга ботдим,
Қўйган ҳар қадамим гуноҳи азим.
Пойимда замонлар бўлдилар хазон,
Йиллар ўтди —
Юртнинг жигарин эзиб.
Мен — Қора паҳлавон —
Яшадим шодон,
Ўзимнинг боламнинг тилини кесиб.
Ногоҳ атрофимда денгизлар тошди,
Беэга гўрлардан қўзғолиб исён —
Комига отгани
Устимга шошди...
Энди кайга юрай,
Эй, Оқ паҳлавон?

Оқботир

Шўрлик Қоработир, саволинг бекор.
Ахир, жавобсиздир — кўнглинг кечадир.
Ўйлаб кўр,
Дунёнинг қанча йўли бор,
Дунёда инсоннинг йўли нечадир?

Қоработир

Менга қоронғидир дунёнинг йўли,
Ахир, одамларга йўл танлаш қайда?...
Қувиб келмоқдадир ортимдан ўлим,
Менга йўл кўрсатгин бир сокин жойдан.

Оқботир

Мен айтган йўлларга кирмоғинг душвор,
Ҳақни кутиб турмоқ эҳтимол маъқул.
Сотқинга энг аввал йўлдир қасоскор,
Тавба-тазарруни қилмагай қабул.

Қоработир

Ахир, мен кирмаган йўл қолгани йўқ,
Не ўжар йўлларни қилмадим таслим...
Айтгин, қайси йўлга боролмайди ўқ,
Қай жойда исёндан куламан вазмин?

Оқботир

Ажал қаршисида титранма, ботир,
Инсонга азалдан бир йўл бор — имон.
Ана, у қаршингда қийналиб ётур,
Бу қийноқ ичида юрмоғинг гумон...

Қоработир

Йўлни кўрсатдингми, жим тургин, нодон,
Таъналар қилмагин менга ўртаниб.
Йўлларга кирмоғу чиқмоқлик осон,
Ўзингни сотишни олсанг ўрганиб...


ЕТТИНЧИ БАЛЛАДА

— Юксакдан учиб келдинг,
Патларингдан оқар тер.
Эй, қуш, осмонда нс бор —
Қанотингдан сўраб бер?

— Шовиллайсан, эй, дарахт,
Илдизинг ср бағрида.
Илдизинг айтсин, не бор
Қаро ернинг тагида?


САККИЗИНЧИ БАЛЛАДА

Бош пари

Бешиклар ҳам олди аланга,
Ҳар балога душман қодирдир...
Осойиш юрт — Боғи Эрамга
Олиб кетай Тўнғич ботирни.
Душман ёққан ўтда ёнмасин
Шундай қудрат, шундай шаън юрак...

Кенжа ботир

Ёв кетган сўнг қолиб кетмасин,
Қайтсин — юрт ҳам ботирга керак.

Бош пари

Боши кесик — ўлмоқда шафқат —
На қадр бор ва на юзхотир...
Рўй бермасдан бирор фалокат,
Менинг билан Ўртанча ботир
Ҳаялламай дарҳол отлансин,
Боғи Эрам — тинч маскан сари.

Кенжа ботир

Ёв ёнганча қолиб кетмасин —
Юрт ҳам керак ботирга, пари.

Бош пари

Увол юртинг, бечора юртинг —
Бегуноҳлар қабристони.
Келгин, менинг қўлимдан тутгин,
Тарк этгин бу ғамгин маконни.
Умринг ҳали баҳорги ғунча —
Очилсин ҳиш юртидан нари...

Кенжа ботир

Кетолмайман ёв енгилгунча —
Мен элимга керакман, пари...


ТЎҚҚИЗИНЧИ БАЛЛАДА

Сен

Сен кетасан: йўлинг — хатарли,
Сен кетасан: манзилинг — йироқ,
Йўллар ютса хату хабарни,
Жонгинамни ўртаса фироқ,
Юрагим ҳам сезмаса ҳатто
Ўз умрингта султонлигингни,
Ёлғиз қолган мен бахти қаро
Қандай бйлай омонлигингни?

Мен

Мен кетаман: йўлларим — туман,
Мен кетаман: саратоним — қиш.
Бор йўғимни сўра дарёдан,
Юрагингни ўртаса ташвиш.
Тиниқ-тиниқ тўлқинлар оқса,
Ташвишингнинг хатолиги шу.
Тўлқинларни қизил қон ёқса,
Менинг умрим адолиги шу.

Сен

Менинг куним ўтди қирғоқда,
Йилим ўтди дарёга боқиб,
Жоним, умрим ўтди фироқда,
Умрим кетди дарёга оқиб,
Хотирангни жонга ўрайман,
Кўзларимда ёш тизим-тизим.
Бор-йўғингни, ахир, билмайман,
Дарё қуриб қолди, азизим...

Мен

Сенсиз кетдим — топмадим мурод,
Сенсиз кетдим — чалкашди йўлим.
Сенсиз кетдим — тугади ҳаёт,
Сенсиз кирди руҳимга ўлим.
Менга кўмак беролмас ҳеч ким,
Сенсиз қолган жонимда алам...
Қандай хабар берай, азизим,
Бор-йўғимни ўзим билмайман...


ЎНИНЧИ БАЛЛАДА

Кенжа ботир

"Борса — келар" — бойлик йўлидир,
"Борса — келар" — ҳавойи шавкат.
Катта акам шу йўддан кетди —
Қийналса ҳам, тортса ҳам заҳмат.
Зарларини сочиб ҳавога,
Ўз умридан ўзи дарс олиб,
Лаънат айтиб ёлғон дунёга,
Она, бир кун келади ҳориб...
"Борса келар, ё келмас" — хатар—
Мансаб йўли, тож-тахт йўлидир.
Эртак қадар ё сароб қадар
Алдамчи йўл — бебахт йўлидир.
Мард йигитдир ўртанча акам,
Тахтни қалбга кўрмас муносиб.
Қайтиб келар совуқ дунёдан,
Шон-шавкатни хас каби босиб.
Уч ботирни туққан, паноҳим,
Қиблагоҳим, йиғламоқ нечун?
Ҳар ким ўзи танлайди роҳин,
Умри олар ҳар кимдан ўчин...

Она

Сени учун йиғлайман, болам,
Сени учун, Кенжа ботирим,
Сенсан — менинг кўнглимдан кўчган
Эзгу тушларимнинг хотири.
Келган, болам, сўнг бор қучоқлай,
Яна сени кўрмоғим душвор.
Қўрқмай — бўғзидаги пичоқдан —
Сайраётган қуш руҳингга ёр.
Бошларингда дорлар чайқалар,
Кўксинг — милтиқларнинг мўлжали.
"Борса, келмас" йўли бу — кадар.
Уқубатинг олдинда ҳали.
Сен пайғамбар топдинг хатодан,
Азоб тортмоқ — қалбинг учун иш.
Ва англадинг: руҳ бу — худодан,
Вужуд-чи? — шайтон яратмиш...
Энди мангу алвидо, болам! —
"Борса, келмас" сенга муқаддас.
Ўзлигингни топарсан йўлдан,
Ўзлигингни топганлар қайтмас...


ЎН БИРИНЧИ БАЛЛАДА

Бойчибор

Жиловимни қўйиб юбор,
Эй, суворий, эси паст.
Жиловимни қўйиб юбор —
Жондан ўтди-ку чанқоқ.
Зилол булоқ, нажот булоқ
Кунботар тарафдамас, —
Жиловимни қўйиб юбор! —
Кунчиқарда у булоқ.
Туёғимга иссиқ қоним
Тикан бўлиб ботмоқда,
Саҳро узра титрар оқшом —
Тиниб бормоқда кўзим.
Жиловимни қўйгин — сувлиқ
Жағларимга ботмоқда,
Қўйиб юбор, — у чашмага
Ўзим элтаман, ўзим!

Достонда йўқ одам

Эркни унут, эрка тулпор,
Эркни унут, феъли тор.
Ташналикни хўрмасам бас —
Ўтарману кетарман.
Менга қаттиқ тайинлашган —
Кунботарда булоқ бор,
Сени қурбон берсам ҳамки,
Мақсадимга етарман.
Йўлда жонлар қолса-қолсин,
Бахт айлансин армонга,
Аждар саҳро танамизни
Қумларида ямласин —
Тулпор, содиқ қолажакмиз
"Олға" деган замонга,
Куч топурмиз енгмоқликка
Меҳру шафқат ҳамласин.

Бойчибор

Жиловимни қўйиб юбор,
Нодонгина суворий!...
Ялт-юлт этиб ўнгу сўлда
Қолмоҳда-ку чашмалар.
Бу саҳрода иккимиз ҳам
Ўлиб кетамиз ҳориб,
Тушунсанг-чи, биз ташналар,
Мадори йўқ ташналар...
Атрофимда югуради
Саросима ҳирҳ чилтон,
Бир зум тингла, "чирҳ-чирҳ" этар
Алпомишнинг арвоҳи...
Нодон!
Мақсад — ўлишдамас,
Мақсад — тириклик, ишон!
Мана, қумга тумшуқ тираб,
Ўмганлаб қолдим охир...

Достонда йўқ одам

Тулпор, нечун кўзларингдан
Ёшинг оқар шашқатор?
Тиззасига бошинг олди
Увлаб саҳройи кеча...

Бойчибор

Нодон одам, сенинг умринг,
Менинг умрим ҳам бекор —
Бойчиборсиз қолган элнинг
Ҳоли энди не кечар?...


ЎН ИККИНЧИ БАЛЛАДА

Кўнгил — подшоҳ.
Онамнинг гапидан

Аёл

Тож-тахтинг йўқ сенинг, шаҳзодам,
Салтанатинг, саройинг йўқдир.
Лашкаринг бор — бесаноҳ ғамдан,
Заҳматинг бор — парвойинг йўқдир.

Эркак

Каниздирсан ўзинг ўзингга,
Икки қўлинг — ҳирҳ хизматкор қиз.
Сен ойдирсанг менинг кўзимга,
Осмонимда энг равшан юлдуз.

Аёл

Тангрим сенга шоҳ кўнглин берди,
Шоҳ тақдирни тутди-ку йироқ.
Эртаю кеч ризқингни тердинг,
Қайнамади қозонинг бироқ.

Эркак

Кимга қулман — ўзим билмайман,
Бир кўринмас занжир ҳўлимда.
"Бахт" дейману бир зум тинмайман
Ва қўрҳаман подшоҳ кўнглимдан.

Аёл

Хаёлимнинг чексизлигида
Орзуларим ёққанда гулхан,
Исён қилиб эрксизлигимга,
Кетгим келар ёруғ дунёдан.

Эркак

Қўли қадоқ менинг маликам,
Жонни асра — бўлма куйинчак.
Юрагимга тушди таҳлика —
Сув бўйида учма ҳалинчак.

Аёл

Бу дунё бир ҳалинчак, бегим,
Ҳою ҳаво!... Учганим бўлсин!
Тўлқин бўлсин беланчак, бегам,
Дарё тубин қучганим бўлсин...

Эркак

Умр қайтиб келмагай яна —
Эшит, бир бор берилар ҳаёт.
Мен дарёни беркитдим... Мана!
Ҳозир сени қиламан озод!...

Аёл

О, шу ерда тугади эртак...
Қара, қандай бефарҳ ер осмон:
Сен дарёни бекитолмайсан,
Қайтолмайман мен ҳам ҳеч қачон!.


ЎН УЧИНЧИ БАЛЛАДА

Элбек бахши

Ёрилтош, Ёрилтош!
Ёлғиз қолди ғариб бош.
Ёрил, бағрингга кирай —
Тошликка бўлай йўлдош.
Кўзлар йиғлаб кўр бўлди,
Артмоқликка қўл қайда?
Фақат шайтон зўр бўлди.
Одам майдаю майда.
Ёрилтош, Ёрилтош!
Йиғлашга етмайди ёш.
Одам бўлиб яшашга
Зарра ҳолмади бардош.
Шамол бўлсанг, йўлингни
Довон бўлиб тўсарлар...
Қуш бўлсанг, чексизликни
Осмон бўлиб тўсарлар.
Ҳаво бўлсанг, танингга
Заҳар сочиб ҳўярлар.
Наво бўлсанг, бўғзингни
Шартта янчиб ҳўярлар —
Ҳамма ўгай бир-бирига,
Ҳамма ғарибу сағир...
Ёрилгин тош! Ёрил! Ёрил!-
Тошга айлансин бағир!...

Тош

Ўз ғамингни ўзинг ортгин,
Нола қилма, инсон, бас!
Зорланмагин!
Эртак ўтди —
Энди тошлар ёрилмас...


ЎН ТЎРТИНЧИ БАЛЛАДА

Шогирд

Ёлғон дунё йўлини ёпдинг,
Эй, муаллим — улуғ донишманд.
Мангу ҳаёт сирини топдинг,
Ўлимни ҳам этдинг занжирбанд.
Қуёш каби яшашинг мумкин.
Абадият осмонларида...
Нега аза очмоқни айтдинг
Бугун содиқ ғуломларингта?
Нега ботир руҳингдан ечдинг
Тирикликнинг совутларини?
Нега оппоқ кафанлар бичдинг,
Тайёр қилдинг тобутларингаи?
Мангуликка тенг умр олдинг,
Буюк руҳнинг шиддати — худо.
Бугун нега бошқа йўл солдинг,
Бўлмоқчисан ҳаётдан жудо?

Донишманд

Маърифатни англадим дарға,
Тутдим руҳнинг пок ҳўлларини
Мен кўрсатдим ноумидларга
Мангуликнинг шаън йўлларини.
Аммо, болам, абадиятдан —
Жондан кечиш фурсати етди...
Ғофилларга кўрсатмоқчиман
Ўлимнинг ҳам борлигини энди.


ЎН БЕШИНЧИ БАЛЛАДА

Элбек бахши

Бойчибор, Бойчибор!
Шафқатинг бор, раҳминг бор.
Кўзларингга қарасам,
Минг азобнинг захми бор.
Бойчибор, Бойчибор,
Бир бебахтча бахтинг бор.
Юрагингга қарасам,
Бир подшоҳча тахтинг бор.
Бойчибор, Бойчибор.
Фаросатинг — фаҳминг бор.
Туришингга қарасам,
Бир элчалик ақлинг бор.
Бойчибор, Бойчибор,
Душманларга ваҳминг бор.
Кўзларингга қарасам,
Ақлингга ҳайвонлик тор.
Бойчибор, Бойчибор.
Ўз ўзингни қилма хор.
Юрагинг тўлиб кетган —
Сўзлаб юбор, жонивор.
Бойчибор, Бойчибор,
Тилсизга бу дунё тор.
Сен агар тилсиз бўлсанг —
Ҳақ бекордир, ҳақ бекор.

Бойчибор

Садоқатга нақ тенгман.
Тиллилардан ҳам кенгман.
Алпомишни зиндондан
Қутқазган тулпор — менман!
Тили борлар гумонли.
Миннат — кўп беомондир.
Бирор жойда мақтансам,
Алпимга кўп ёмондир.
Бахши, ҳўшиқдан кенгман,
Айтсанг — достонга тенгман.
Алпим мағрур юрсин деб,
Тилини ютган — менман!...


* * *

Гуллар ҳидин уфурар,
Шамол ўйнайди даштда.
Пешонангда юлдуз бор,
Исминг бор — Юлдузқашқа.
Оёқинг узун-узун,
Қизникидай белларинг,
Елда танинг дириллар —
Ингичкадир феълларинг.
Ҳали темир сувлиқлар
Лабларингни йиртмаган.
Ҳали михлар жизиллаб
Туёғингга кирмаган.
Бесабр шиддат қўзғар
Даштларнинг чексизлиги.
Кишнайсан, ўйноқлайсан —
Билмайсан эрксизликни...

Ҳавода нима учди —
Шувиллаб кетди бу он.
Бўйнингга нима тушди —
Илонми ёки арқон?
Ўзингни ҳар ён отма,
Кўникавер, жонивор.
Юлдузни кўкдан узар
Тулпор бўласан, тулпор.
Арқон қилдан тўқилган —
Унга кетмайди шерлик...
Баданинг бир сесканди —
Сағрингга тушди терлик.

Аччиқ нола қилмагин,
Кўникавер, жонивор,
Барча отлардан ўзар
Тулпор бўласан, тулпор
Икки ёнингга бу дам
Икки соя узалди.
Бағрингга муздай теккан
Узангидир, узанги.
Эрка-эрка алдоққа
Кўникавер, жонивор.
Ҳеч кимга улоқ бермас
Бало бўласан, тулпор...

Уфқ бирдан "қарс" этди,
Бостириб кирди даштга.
Олам энди тор бўлди —
Кўниккин, Юлдузқашқа.
Тишларинг зирқиради
Оғзинга тушди буров.
Юлдузқашқа, лол бўлма,
Энг даҳшати шу — жилов.
Одамлар ҳеч бир отни
Тулпор этмас — қилмай хор.
Энди жилов қайга бурса
Кетаверасан, тулпор...


БОЛАЛИКНИНГ БИР КЕЧАСИ

Занжирбанд ит ҳуради,
Тунга қараб ғингшинар...
Гулбутанинг тагида
Ўлтиради ажина.
Тунга осмон қўйнида
Булутлар алкаш-чалкаш.
Ажина жим ўлтиради —
Сочин тарайди яккаш.
Тор кўчада тун қуюқдир,
Кимдир чалар чанқовуз.
Гулбутанинг теврагида
Айланади ялмоғиз.
Гоҳ зўраяр, гох сусаяр
Ёмғирнинг тунд куйлари.
Ҳўл бўлади ажинанинг
Нурдай нафис кўйлаги.
Чақмоқ чақар.
Тош қарсиллар —
Келди баҳор селлари.
Сой бўйида айланишар
Кўйи Қофнинг девлари.
Ажина жим соч тарайди.
Жуда-жуда чиройли —
Гулбутанинг тагига тун
Ташлаб кетгандай ойни.
Акам жиддий — этик кияр —
Гаровними ютгани,
Тун қўйнига кириб кетар
Ажинанинг тутгани...
У қайтади:
— Ухла,— дейди, —
Ухла,— дейди,— энди жим.
Ажинани мен ўлдирдим,
Ажинани ўлдирдим...
Нимагадир мен йиғлайман —
Торайиб кетар бошим.

Онам қўли астагина
Артиб қўяди ёшим.
Югураман тонгда боққа —
Гулларми бу — очилган,
Ёки... Ёки... Кимнинг қони
Гулбутага сочилган?


* * *

Жонҳолатда итлар ҳурар —
Тор кўчада тўполон.
Анқовланган қайси мушук
Кўчада бўлди талон?
Ҳовлиларнинг эшиклари
Аммо шахдам очилар...
О, лўлилар келишди-ку!
Келишди-ку фолчилар!
Рўзғорнинг ғор ташвишлари
Бошу қўлни тарк этар.
Аёлларнинг кўзларида
Сўнган умид "ярқ" этар.
Бир коса сув келтирилар,
Эскигина бир кўзгу.
Фолчи лўли нигоҳида
Бир дам келажак тўзғир.
Кўм-кўк холли (игна иши!)
Манглайида майда тер.
— Қизим, қани, қўлингни бер!
— Келинчак қўлингни бер...
Узун йўлнинг бошларида
Бахт учмоқда беланчак.
Кўзларингни ёшлаб юрма,
Кулавергин, келинчак —
Бир бахтингни банд қилган бор,
Ҳафта ўтмай янчилар...

Тўрвасидан бахтни ташлаб.
Жўнар сўнгра фолчилар.
Хино қўйган бармоқчалар
— Жим ёт! — қилишар таҳдид —
Итлар жимжит ётишади
Хўрланган мушук тахлид.
Кечда эрни кутиб олар —
Шамол каби аёл шўх.
Истеҳзоли сўзлар йўқдир,
Ғамгин-ғамгин кўзлар йўқ.
Хавотирда боқади эр:
Нега кулар — тинмайди?
Уни бахтли бўлишини
Ҳали эри билмайди...


ЖАВЗО

Тарқаб кетди булутлар бирдан,
Итлар олди ўзин сояга.
Майсаларни шовшатиб, қирга
Олов кунлар чиқди пиёда.
Какразорда аччиқ шамоллар
Кезинишди офтобда гангиб.
Бошларимда учди сомонлар
Ва қуюнлар буралди чангиб.
Ҳовузларга яшил тўн солиб,
Қўшиб айтди ҳофиз бақалар.
Сиртмоғини бўғзимдан олиб,
Тугмаларни ечди ёқалар.
Хаёлимдай ҳур кунлар келди,
Ғамгусорим, кўнглингни очгин.
Ёруғ кунлар, нур кунлар келди
Йўлларингга севгимни сочгум.
Раҳм қилди худойим бизга —
Қандай гўзал бу илиқ фусун.
Ҳозирча тун қисқадир, қисқа
Ҳозирча кун узундир, узун...


ҚАВС

Боғлар — аниқ. Чизиб қўйилган.
Ҳар бир бутоқ — бир ўйчан тасвир.
Гўё бунда минг йил куйинган,
Захмат чеккан Чинлик мусаввир.

Олам — гўзал яланғочликда!
Ҳар бир дарахт — бир даҳо сурат.
Фақат қарға бу дақоликка
Қўнмоқликка қилади журъат.


ҲУТ

Бешамоллик қўйнида мудраб,
Силқиб оқар туманми, тутун.
Бу ҳарирлик ичида титраб,
Бугун кўнглим бўлади бутун.

Кечаларда кўнгли кирларга
Бугун кулиб бераман бардош.
Хаёлимда учган қирларда
Бойчечаклар қилади парвоз.

Кечираман ҳар хил тошларни,
Чўчимаиман ҳар хил соядан,
Кўзларимдан лққан ёшларни
Бугун ўзим артиб қўяман...


ТУНГИ КОНЦЕРТ

"Шашмақом"нинг қай шўьбасида
Йиғлаётир кўнглим бу кеча?
Мусиқани бўлмагин, бедард...
Олам темир зерҳини ечар.

Қоронғулик бурчак-бурчакда
Чайқалади, кулади мастон.
Яқин келар кеча юракка
Ва яшашга қолмагай дармон.

Кечаларнинг волаларида
Мусиқанинг силқиган қони.
Маҳбубанинг нолаларида
Дорга осар ўзини жоним.

Майли, давом этсин бу кеча!
Мусиқани бўлмагин, бедард...
Наҳот, дорга осилганимча
Тонгга қадар қолмоқлигим шарт?


НОДРАМАТИК БАЛЛАДА ЁКИ БЕҒАМ МАРШ

Барча эртакларнинг
Қаҳрамониман.
Эртакда яшамоқ —
О, нақадар соз.
Парҳу булутларнинг
Оппоқ ёнидан,
"Учар галам"ларда
Қиламан парвоз.

Юрак, югур! Югур!
Тўхтама бир он!
Ўлмасак бўлди-да —
Бош бўлсин омон!

Ҳа, албатта мени
Малика севар,
Севмаса ҳам хафа
Бўлмайман зарра.
Фақат хонавайрон
Бўлади девлар —
Шўрликлар бошида
Синади дарра.

Юрак, югур! Югур!
Тўхтама бир он!
Ўлмасак бўлди-да —
Бош бўлсин омон.

Подшоҳларни қаттиқ
Этгум назорат —
Халқига ноҳаҳ сўз
Айтса бир оғиз,
Оёғим ўпса ҳам,
Қилмасман шафқат —
Уни ямламасдан
Ютар ялмоғиз.

Юрак, югур! Югур!
Тўхтама бир он.
Ўлмасак бўлди-да —
Бош бўлсин омон!

Қаршимда аждарҳо
Эгар бошини,
Қуриган денгизга
Сув қайтар — савоб.
Денгизни ютганлар
Тўкар ёшини —
Уларни ажина
Қилади хароб.

Юрак, югур! Югур!
Тўхтама бир он!
Ўлмасак бўлди-да —
Бош бўлсин омон!

Ҳамма Алпомишлар
Тирилиб ҳайтар,
Тепсиниб туради
Ҳамма Бойчибор.
Бир куни кўз ёшсиз
Қўшиқлар айтар,
Фарзанди борлигин
Сезган бу диёр.

Юрак, югур! Югур!
Тўхтама бирон!
Ўлмасак бўлди-да —
Бош бўлсин омон!

О, нақадар создир
Эртакли дунё,
Бахтли бўлаверинг —
Битмоҳда сўзим...
Ўзим муродимга
Етмайман аммо,
Бахтли бўлолмайман
Фақат бир ўзим.

Юрак, югур! Югур!
Тўхтама, бу чоғ...
Ўлсак, ўлибмиз-да —
Дунё бўлсин соғ.


* * *

Соҳилларга қуёш ва денгиз
Одамларни ташлади сочиб.
Қумда — эриб — мудрайди бир қиз
Баданини Осмонга очиб.

Қарашлардан ногоҳ шарм қочди...
Тангрим, асра ҳар хил нигоҳдан!
Қиз вужудин осмонга очди —
Осмон олсин уни никоҳга.


ЦИРК. ИЛОН ЎЙНАТУВЧИ АЁЛ

Сенга ҳам айтмайман, сен ҳам эшитма,
Нимага, қай куни, ким учун кулдим?
Кузги хаёл каби турма эшикда,
Мен, ахир, сенимас — илонни суйдим.

Соғинган ошиқдай менга ташланиб,
Вужудин ўраркан оппоқ белимга,
Билмам, қай хотирдан кўзим ёшланиб,
Совуқ башарасин босдим бетимга.

Деразадан тушган ой тасмасидан
Бекор титранмади томирда қоним.
Безовта бўлганча қалбим сасидан,
Ўйладим, келдими содиқ илоним.

Бу илон ҳеч кимга мени олишмас,
Севару ишора қилмас таъмага.
Унга борлигимнинг ўзи муқаддас,
Мени ташлаб кетмас бир кун ҳаммага.

Ёлғизлик — ҳаммага қолмоқлик асли,
Мени куйдирган ҳам ҳаммага қолсин!
Бир ғамхўр ёлғизи бермасин таскин,
Севги сўраб охир илонга борсин...

Илон! Танҳолигим ҳамдами илон
Кулча бўлиб ётар оёқларимда,
Эй, сен ташқарида "уФ" тортган инсон
Ярим тун термулма чироқларимга.

Тилларинг бийрондир, тилинг — саволкор,
Жавоб тополмасман — дилларим хира.
Менинг қалбимда ҳам, ишон, севги бор,
Агар ишонмасанг, илондан сўра...

Билмам, қай хотирдан кўзим ёшланар,
Совуқ бир нафаснинг ҳоври бетимда.
Худойим, қанақа кунлар бошланар...
Чирмашар илондек қўллар белимга.


* * *

Энди бизга ишқ йўллари хатарлидир,
Маъюслидир, оғриқлидир, кадарлидир,
Ибтидомиз интиҳодан хабарлидир,
Қувончи оз, ғами ўлим қадарлидир.

Ўртамизда бегоналар нафаси кўп,
Покликнинг ҳам, гуноҳнинг ҳам шарпаси кўп
Юракларнинг чидиб бўлмас ҳафаси кўп,
Умр — дарё, ҳар мавжи бир аждарлидир.

"Оҳ" урармиз, ҳар "оҳи"миз — сариқ япроқ,
Ишқ боғ берди иккимизга, туманли боғ,
Ҳар бир барги хазонликда, ҳар барги доғ —
Нажотсиз ишқ дами одам ютарлидир.

Қарашингда умид бордир, видо бордир,
Бахтли, бадбахт жо бўлгувчи дунё бордир,
Қўрқма, сенга менингдек бир фидо бордир,
Гарчи севги иккимизга заҳарлидир.

Ёшларингни юлдуз қилма осмонларга,
Осмон эмас, инсон чидар армонларга,
Келгин, сўнг бор ишонайлик ёлғонларга —
Ки, севгининг йўли мудом саҳарлидир.


ЭРТАК

Ишқнинг осмонида ойга қўшилиб,
Айланган бошингга булутлар қайтар.
Менинг қучоғимда куйдай эшилиб,
Аста шивирлайсан:
— Жонингиз қайда?

Ўғирлайсан жаъми калитларимни,
Сандиқлар очилар — сенга сир айтар.
Излайсан Қўнғирот, Ёвмудларимни,
Ҳориб шивирлайсан:
— Жонингиз қайда?

— Шуми? — Қиличимни кўлга ташлайсан,
— Балки бу? — Қўлингни чўзасан ёйга.
Сўнгра йиғлаб-йиғлаб сўроқ бошлайсан:
— Бир марта айтинг-чи,
Жонингиз қайда?

Ўзингни қадрингни сувга отасан,
Менинг иззатимни қотасан лойга.
Боланг ўлган каби фиғон тортасан:
— Ҳамон тирикмисиз —
Жонингиз қайда?

Оғулар қўшасан ҳамма ошимга,
Ҳар қандай қасослар тўйилар майда.
Ялиниб турасан яна қошимда:
— Нега ўлмаяпсиз?
Жонингиз қайда?

Жоним сенда дейман — айланмас тилим,
Жоним сенсан дейман — юрагим тўнар...
Менинг омонатим...
Жоним!
Севгилим!
Энди сени қандай асрасам бўлар?...


АРМОН ҲАҚИДА БАЛЛАДА

Босиб кела бошлар шом қоронғуси,
Уйларда чироқлар чарақлар шўх-шаън.
Бу хона кечани кутиб олгуси,
Хўмрайиб, бадқавоқ бир назар билан.

Телеэкранида олам айланар,
Тубсиз кўзи билан боқади фалак.
Кино кўрмоқликка хона шайланар,
Аммо деразага боқар жонҳалак.

Қаҳратон аёзнинг тош оғушида,
Чирсиллаб синади боғларнинг бели.
Хона ажралади ақлу ҳушидан,
Кимнидир чорлайди: "Хабар ол келиб!".

Дамланган чойга у узатмайда қўл,
Овқат совиб қолар, синдирилмас нон.
Хонанинг бағрида ҳамма нарса мўл,
Фақат ҳамма нарса беқадр, бешон.

Хона ўртанади, ёнар, уҳ тортар,
Бошини уради деворларига,
Унинг дардларини улашса, етар
Дунёнинг жамики беморларига.

Бир маҳал — уйқуга олам чўкканда,
Хонанинг эшиги очилар бесас.
Кўчага ўзини ташлар бир шарпа,
Анграйиб, беқарор туради бир пас.

Сўнг уйлар, боғлардан ҳатлаб жўнар у —
Оёғи тагида синмайди музлар.
Қорни кечиб борар —қор момиқ, парқу,
Аммо қор юзида қолмайди излар.

У кетиб боради шиддаткор, тезкор,
Дарёю тоғлардан ўтади учиб.
Кўзидан ёшлари оқиб шашқатор,
Икки қўли билан кўксини қучиб.

Зулматга термулиб турар безовта,
Олис бир шаҳарнинг чекка бир уйи.
Шарпа етиб келар (шошиб, албатта!)
Ва яланг бошини эгади қуйи:

— Қайдасан, узоқдан келдим соғиниб,
Соғиндим танимда қолмади дармон.
Мен орзу-умиднинг ғамгин ёлқини,
Мен — Армон! Кўйингда қоврулган Армон!

Ва уйнинг эшиги очилар бесас,
Бир шарпа чиқади булутдан сузиб:
— Келдингми мен билан олгани нафас,
Келдингми йўлларнинг танобин узиб?

Улар бир-бирига тўймай боқишар,
Бир-бирин кўксида беришади жон.
Кулишар, хаёллар ичра оқишар,
Икки ночор вужуд — иккита Армон.

— Совуқ қотмадингми?
— Йўқ, ёниб кетдим!
— Биров кўриб қолса...
— Менга барибир!
— Тақдирга минг шукур, висолга етдим!
— Айтдим-ку, мен сени севаман, ахир!

Улар ажралгиси келмайди абад,
Аммо тонг ёришиб келар муқаррар.
— Алвидо! Бу тонгда зарра йўқ шафқат!
— Алвидо!... Яна тун келгунга қадар!...

Бир шарпа эшикка кириб йўқолар,
Бир шарпа ортига қайтар мунғайиб —
Гандираклаб, қалтираб, ориқлаб қолар,
Дераза ичига бўлгунча ғойиб.

Шу куни бир одам ишга боради,
Ҳаммага табассум қилади ширин.


* * *

Севгинг юрагимда бир дарё бўлди,
Фалақдан фалакка оқди бетиним.
Қарадим: у ногоҳ қон билан тўлди —
Сенга нима бўлди, севгилим?

Севгинг юрагимда боғдай кўкарди,
Бу боғда булбуллар чиқарди тилин,
Туфон дарахтларни нохос қўпорди —
Сенга нима бўлди, севгилим?

Севгинг юрагимда тоғдай юксалди,
Унга юлдузлар ҳам очдилар дилин.
Англадим: бу тог ҳам бирдан йигилди —
Сенга нима бўлди, севгилим?

Саволлар тилимда — бўзлаб борурман,
Сенданми, оллоҳдан омонлик тилаб.
Тубсиз юрагимни кечиб ҳорирман —
Боғлардай йиқилиб,
Боғлардай тугаб.

Кўзингдан ёшларинг оқади сим-сим,
Сузлайсан — лабларинг титрар гинадан:
— Сизга нима бўлди, севгилим?
Йиқилган менман-ку,
Менман — қулаган...

Эркаклар кўнглини унга ёради,
Аёллар ташлайди кузларин қирин.
Қоғозга имзолар чекиб ташлайди,
Кимдандир ҳаққини қилади талаб...

Бу одам кундузи шундай яшайди,
Армонни тош қафас — кўкракка қамаб.


* * *

Оғир экан,
Ёмон экан,
Бекор экан унутмоқ...
Менинг қақроқ чўлларимда
Омонмисан, унут боғ?
Сен ўлмагин,
Гулла,
Кўкар,
Ўйларимда шовулла.
Шабодалар сенга бўлсин,
Етолмасин довуллар.
Шундай қийғоч уриб гулла,
Тара шундай атирлар —
Кўзларини узолмасин
Кўнгли гулдай ботирлар.
Сени сира тарк этмасин
Бақорларнинг шафқати.
Булутларнинг қимматию
Ариқларнинг раҳмати.
Бўйларингга капалаклар
Қанотларин чулғатсин.
Қарғалармас, шаън булбуллар
Тонгда сени уйғотсин.
Мени бўлса...
Мени унут,
Унут, ям-яшил эркам!...
Теграмда бир саҳро қурдим —
Ўтолмайман ўзим ҳам.


* * *

Сенга келиш нима?
Кетшцдай осон.
Сенга йўқотишлар — топишдай бир гап.
Сен дунёни курмай яшайсан мудом,
Яшайсан дарахтдай ҳис қилиб, илгаб.
Қалбингда фожелар зумда учади,
Янги ғуссаларни қучасан шодон.
Бебахтлигинг бахтдай сендан кечади —
Алъомон,
Ўзингдан, жоним, алъомон!
Сени туфонларнинг узи асрасин,
Сендан йироқ қочсин қисмат дудлари.
Йулишта аямай қутлар ташласин,
Қўли очиқ келсин умринг ҳутларин.

Сенга кетиш нима?
Хайр-хуш... Тамом...
Мен ҳам омон қолай —
Бир нажот бергин.
Нима у бошимга отганинг?
Осмон...
Тўхта! Олиб кетма пойимдан ерни.


* * *

Гоҳ гужум шовуллар, гоҳ шитирлар ток,
Бу — боғда адашган паришон шамол.
Бормисан оламда, юрибсанми соғ,
Шамолдай йўлларни йўқотган аёл.

Сенсиз — баҳорларим куз бўлди маним,
Мен сенсиз сарғайдим,
Мен сенсиз куйдим,
Бир тирик гулханга айланди таним,
Шу олов ичида бир сени суйдим.

Сен — боғлар қуйнида қийналган шамол,
Сенга йул бермайди шохлар чалкашиб...
Ям-яшил боғларда адашган аёл,
Мен олов ичида қолдим адашиб.


* * *

Тош-бетон чўнг қояларда
Кабутардай яшаган қиз,
Қўлларини — ёлғизликдан —
Елкамга жим ташлаган қиз,
Бу севмаслик дунёсида
Хатарли иш бошлаган қиз —
Келмайдими иккимизни
Бахтли-бахтли яшагимиз?

Аммо бизнинг кўзимизда
Тўкмоқ учун ёшимиз кўп.
Кўнглимизга отмоқ учун
Тилимизда тошимиз кўп.
Гўё ҳали ўлмоқ учун
Бошимиз кўп, бошимиз кўп -
Бўлмаса... О, келмасмиди
Бахтли-бахтли яшагимиз?


* * *

Соҳилини қайрайди денгиз.
Тун-кун қайрар кимнинг қасдида?
Қоронғу бу кечада сассиз
Ким ўйнайди уни дастида?
Соҳилда жим тентиган аёл,
Қани сенинг содиқ ҳамроҳинг?
Нега қадам қўймоғинг малол,
Нега бунча титранар оҳинг?
Ёноғингда, шўр лабларингда
Вижирлайди кечаги бўса.
Хиёнатдан кейин одамзот —
Яшамаса — йўқ бўлса, ўлса...
Соҳилини қайради денгиз,
Тун-кун қайрар — кимнинг қасдида:
Улкан бу тиғ, наҳот, ярашар
Шу нозик аёлнинг дастига?


* * *

Сиз ёққансиз менга ҳамиша,
Фақат буни этмовдим ошкор.
Уйловдимки, юрак топишар,
Биздан кетгач сабру ихтиёр.
О, мен сизни қанчалар кутдим —
Мана — оқ соч, мана бу — ажин.
Кунларимни тортқилаб ютди
Шум ёлғизлик — фаришта ғажир.
Ортингиздан кетишим мумкин,
Йул тугаса, йулсиз тентираб.
Аммо, айтинг, йиғлайсиз нечун
Манглайингиз деворга тираб?
Йўқ, ҳеч сизга етмасин озор,
Тушинаман — йиллар, андиша...
Фақат сизга айтмовдим ошкор —
Сиз ёққансиз менга ҳамиша.


* * *

Ногоҳ совуқ тушди,
Ногоҳ қор тушди —
Гуллаган боққами,
Нодон юракка.
Яшил салтанатим
Туш каби учди,
Яшил салтанатим
Қотди кўлмақда.
Баҳорларни кутган
Нодон муҳаббат,
Ногоҳ аёзларда
Қоддим-ку юпун —
Мени адо қилган
Ёмон муҳаббат
Совуқ кўчаларга
Бошлагани-чун.
Ана, чорбоғларга
Қарғалар қайтди.
Ана, музлаб қолди
Булбулнинг тили...
Таним титроқ ичра
Алвидо айтди...
Нега сен азобдан
Ўлмайсан, дилим?


* * *

Тош кўнгил,
Тош бўлгин! —
Тош бўлдим.

Тош тақдир...
Бу — сендир,
Бу — мендир.

Тош кўнгил,
Сен кўндинг...
Мен ўлдим.

Тош тақдир.
Ахир,
Қайда тош?...
Икки кўнгил —
Икки томчи ёш.


* * *

Ёмон бўлди.
Бизлар ажралдик...

Ер айланаяпти қуёши атрофида,
Юлдузлар самосида порлаяпти.
Гулдар шаббоданинг қучоғида
Лабини тутяпти тўлқин лабларга;
Майсалар ўсмоқда адирларида
Шамодда тўлғаниб-тўлғаниб...

Фақат бизлар ажралдик.

Қуёшсиз қолган замин каби,
Самосиз қолган юлдуз каби,
Шаббодасиз қолган гуллар каби —
Ёлғизмиз.

Ёмон бўлди.
Бизлар ажралдик...


* * *

Тўйганмидим шодликни ичиб,
Келганмиди ҳатто ишқ малол,
Айтолмадим: — Азизим, кечир...
Қичқирмадим: — Кетмасанг-чи! Қол!.

Ёлғизликнинг улкан залвори
Босар — қалбим тортади майда.
Энди қаро тунга ёлвориб,
Шивирлайман: — Қайдасан, қайда?

Энди беишқ бегоналарга
Оёқости бўларкан жоним,
Мен хушомад қилиб уларга
Жовдирайман: — Илтимос, қолинг...


* * *

Сокин сеҳр Анҳор бўйида.
Ҳорғин Лайли — куз кезар беҳуш.
Мен хазонни қувдим ўйимдан,
Бахт ҳақида кўрдим яшил туш.

Ҳа, саробга ўзни топширдим,
Сездим қисмат ёвуқлигини
Ва кафтимда ҳис қилиб турдим
Қўлларингнинг совуқлигини.

Тасаллилар сўйладинг карахт,
Майин куйлаб кўргаздинг карам:
— Тушингга ҳам қайтиб кирмас бахт,
Уйғонмагин, менинг бечорам...


* * *

Сиз қарғайсиз тақдирингизни,
Ҳам айтасиз унга ташаккур:
— Биз йўқ қилдик бир-биримизни...
Биз йўқ қилдик...Худога шукур!...

Сиз юракни қилмайсиз тежам,
Олгин! — борни тортиқ қиласиз.
Сўнгра хафа бўласиз мендан —
"Қайтмайман", деб йиғлаб кетасиз.

Излаб яна келасиз бир кеч,
Жилмаясиз: — Бахтлиманми, боқ!...
Кулгингизга ярашмагай ҳеч,
Хитобингиз ўртаган титроқ.

Ҳижрондан сўнг саволлар теран,
Ҳижрондан сўнг жавоб — даъфатан...
Мен ҳаммадан пинҳон сақлаган
Шеърларимни сизга айтаман.

Айбламаймиз бир-биримизни,
Тилда сўзлар туғилади — ҳур.
...Қарғамайсиз тақдирингизни
Ва айтмайсиз унга ташаккур.


* * *

Хайрлашмоқ керак сен билан,
Кўнгилларни узмоқлик керак.
Кечмоқ керак ғариб умиддан,
Дунёмизни бузмоқлик керак.

Бошқаларга бермоқлик керак
Кузги оқшом чарчоқларини.
Энди маъюс термоқлик керак
Севгимизнинг алдоқларини.

Бизга дўзах ваъдалар этиб,
Тепамиздан жим боқар худо.
Сени сақлай, севгидан кетиб,
Ишқда қолиб, сен бўлма адо.

Мунча ширин бу куз оқшоми
Лабингдаги чарчоқ каломлар:
— Мен дўзахдан қўрқмайман,
Дўзахдаман аллақачонлар...


* * *

Мен сенга осмонни келтирдим, севгим,
Анов икки тўзғин булути билан,
Нимта ойи билан,
Ҳудуди билан —
Мен сенга осмонни келтирдим, севгим.

Мен сенга баҳорни келтирдим, севгим,
Ёмғирлари билан,
Селлари билан,
Гулларни уйғотган еллари билан —
Мен сенга баҳорни келтирдим, севгим.

Мен сенга саодат келтирдим, севгим,
Кўнглинг равшан бўлсин —
Чироғи билан,
Бедорлиги билан,
Чарчоғи билан —
Мен сенга саодат келтирдим, севгим.

Сенга бир тинч дунё келтирдим, севгим.
"Мана, олгин, дедим,
Ҳамма нарса тахт —
Мана бу меҳрдир,
Мана бу-чи — бахт..."
Сенга бир тинч дунё келтирдим, севгим.

Севгилим, подшоҳлар сендай сахиймас —
Менга баҳори йўқ куз келтирдинг сен.
Яна осмони йўқ рўз келтирдинг сен,
Севгилим, подшоҳлар сендай сахиймас.
Қатра иқболи йўқ куз келтирдинг сен.

Энди иккимизда ҳамма нарса бор!
Қани, кетдик, жоним,
Бел букилгунча,
Томир узулгунча,
Жон тўкулгунча...
Яшашга иқрормиз, ўлимга иқрор.


* * *

Энди у кўчага сира бормайман.

Борсам — дарахтлари гуллар телбаҳол,
Гуё сену менинг баҳорим каби.

Энди у кўчага сира бормайман.

Борсам — сим-сим ёғар майин ёмғирлар
Кунгилчан ёмғирлар жим-жим ёғади —
Гуё сену менинг ёмғирим каби.

Энди у кўчага сира бормайман.

Борсам — фалагида қолмас ҳаловат —
Турналар аламли қичқириқларда
Тушунуксиз дардларни айтиб йиғлашар,
Гўё сену менинг қушларим каби.

Энди у кўчага сира бормайман.

Борсам — ғуссали бир деразасида
Кўчага термулиб, ҳолсиз турасан —
Дунёнинг энг ғамгин дарпардасидай.

Энди у кўчага сира бормайман.

Унда не қиламан шамол бўлмасам —
Парда этагингга шамол юзимни
Босиб йиғлолмасман — нима қиламан?


* * *

Севгимиз ўлдими? — либосингиз кўк,
Кўнглингиз — бегулхан, кўзингиз — бечўғ.
Биздан бориш йўқдир, сиздан — келиш йўқ
Келишсиз дунёда беғам, азизим,
Нега кўзларингиз бенам, азизим.

Ўт етди — қақгдатди банд-бандларимни,
Тупроқда сочдингиз баландларимни,
Ақлимни, дилимни — бебахтларимни —
Боришсиз дунёга отган, азизим,
Олисда ой каби ботган, азизим —

Чунки тунга айтар рост "оҳ"ингиз йўқ,
Фалакда кезгани шаън роҳингиз йўқ,
Нечун келмайсиз, гар гуноҳингиз йўқ —
Боқаман: нигоҳим — гумон, азизим,
Йўлларинг тумандир, туман, азизим.

Қаранг, минг бир баргда кузак учадир,
Қизил-саригида — юрак учадир,
Сўнгаклар учадир, суяк учадир —
Бу тўфон — хазонлиғ менман, азизим,
Сизсиз минг кузакка тенгман, азизим.

Аммо сиз сарғайманг — гулли боғ бўлинг,
Ям-яшил кўкаринг, мудом соғ бўлинг,
Баҳорнинг бағрида беадоғ бўлинг —
Ахир, қарғаганим сизмас, азизим,
Икки куз дунёга сиғмас, азизим...


* * *

Саратонда гуллар ўлади,
Сарғаяди эгасиз тузлар.
Ҳали қайғурмасанг бўлади —
Ҳали кузлар келади, кузлар.

Англанмаган дардлардай тўзиб,
Кунлар аста қилади парвоз.
Хотирангдан чиқару сузиб,
Қайтмас бўлиб кетар бизнинг ёз.

Дарахтларда жунун сузади,
Бошланади қовжираш, ёниш...
Ҳали йиғламасанг бўлади —
Бу — куз. Ҳали қиш келади, қиш.

Ҳали қорлар ўпар лабингни,
Изғиринлар белингдан қучар,
Музлатади аёз танингни —
Хотирангдан кузак ҳам ўчар.

Шунда бир барг қилади исён,
Боққа қайтар унут бўлган бурч,
Биз баҳорга чиққани пешвоз,
Тополмаймиз ўзимизда куч.

Сен йиғлаяпсан. Нолангдан чўчиб,
Учай деру қўзғололмас Вақт.
Олисларда боради кўчиб,
Баҳоридан мангу айри бахт.


* * *

Ташқарида ёмғир ёғар,
Кўз ёшдан ҳам оғир ёғар.
Бу юраксиз дунё узра
Юрак ёғар, бағир ёғар.

Айрилиққа кўним йўқдир,
Наҳот, ишққа ўлим йўқдир.
Кўз ёшингни артмоқликка
Қўлим йўқдир,
Кўнглим йўқдир...

* * *

Кундузлар кечага айланиб қолди,
Яна бошимизга югурди тўфон.
Сендан айрилдиму... Сен билан қолдим —
Ёмон.

Ёмон. Яшаш менгзар босинқирашга,
Кўзингда ёш йўқдир йиғламоқ бўлсанг.
Юракни отсангу қирғин талошга —
Ўлсанг.

Ўлсанг!.. Шундай ўлсанг... Шу қадар ўлсанг,
Дунёда қолмаса бир тола сезгинг.
...Фақат бош тортса бас сени кўмишдан
Севгинг.


* * *

Қодир ҳаёт — улкан ялмоғиз,
Ссзиб жоним мазаларини,
Етти ямлаб, қилдинг бир оғиз,
Умримнинг шаън лаҳзаларини.

Мақкамладинг борлик эшигин,
Очдинг йўқлик дарчаларини.
"Борса-келмас" сари узатдинг
Йилларимнинг парчаларини.

Алдоқларга сен мсни отдинг,
Сотдинг шайтон қаммолларига.
Мендан кечдинг —
Бир ўзим ботдим,
Юрагимнинг зиндонларига.

Қодир ҳаёт — маккора мастон,
Ёқсанг — олов, ўчирсанг — кулман.
Кун кўрмадим дунёда осон —
Юрагимга мен қам бир қулман.

Ҳали тирилишим беадад,
Ҳали қандай ўлишларим бор...
Мени нима қиласан алдаб,
Ростдан умринг минг йилми, чинор?


* * *

Йиқилдингми?... Кўзларингда
Бунча алам,
Бунча алам!
Усту боши чанг кўрмаган,
Дард кўрмаган
Эрка болам!
Шиддатингнинг шамолига
Ҳушинг бир зум
Шайдо бўлди...
Менинг равон йўлларингда
Бу тош қайдан
Пайдо бўлди?
Еки ақлинг кетганмиди,
Энди тошлар
Қолмаган деб?
Лаънатладинг, болам мени
Йўлдан тошни
Олмаган деб...
Эрка болам, кечир мени,
Оқсуягим,
Мурувват қил!
Тошли-тошли бу дунёда
Майсадай хор
Яшадим, бил.
Тошлар билан кураш тушдим
Кураш бекор
Кетмагандир,
Қолган бўлса бирор зил тош,
Болам, кучим
Етмагандир...


* * *

Баҳодир Йўлдошга бағишладим

Тегирмон тоши мисоли
Саҳна айланар, Баҳодир.
Кунларимиз буғдой дони —
Саҳна айланар, Баҳодир.
Майда-майда бўлажакмиз —
Саҳна айланар, Баҳодир.
Бир кун қайда бўлажакмиз? —
Саҳна айланар, Баҳодир.
Биров ботир, биров шотир —
Саҳна айланар, Баҳодир.
Умрни қилма юз-хотир —
Саҳна айланар, Баҳодир.
Бир кун саҳна тўхтаб қолса,
Гуноҳимиз йўқ, Баҳодир,
Аммо ўзни оқламоққа
Гувоҳимиз йўқ, Баҳодир...

Qayd etilgan


Ansora  09 Aprel 2010, 20:34:48

«ҒУССА» КИТОБИДАН
1994


БОЛАЛИКДАН ИККИ ХОТИРА

1

ҚИШ

У пайт пальто киймас эди қиш,
Қўлқопи йўқ эди қўлида,
Қиш — ямоқли, ардоқли калиш —
Оёқ қўйсанг — қорга кўмилар.

Яйрамасди иссиқ уйларда
Изғириннинг уввосин тинглаб.
Қиш — мол боқиб музлаган бола —
Дарвозадан киради титраб.

Қиш кезмасди дил очар маҳал
Кўчаларда бурқситиб нафас.
Қиш — даҳлизда жон сақлар сандал,
Қиш — печкали уйларга ҳавас.

У пайт китоб ўқир эди қиш —
Ҳаяжондан титраб товуши.
Қиш — зиндондан чиққан Алпомиш,
Қиш — Барчиннинг синиқ нолиши.

Қиш — эртакнинг ҳароратида
Қалб остида эриган тошлар.
Қиш — орзунинг шарор забтидан
Китобларга тўкилган ёшлар.

2

ЁЗ

Офтоб ғолиб келди — муқаррар —
Кийимини ечмасин қанча,
Термиздан то Тошкентга қадар
Ёз йиқилди шундоқ чалқанча.

Туроннинг шаън кенгликларида
Гулу майса лаҳзада — хазон.
Ҳаёт — тоғлар қўлтиқларида,
Ариқларнинг бўйнидадир жон.

Лоҳасланиб мудради кундуз
Гужумларнинг сояларида.
Ирмоқланиб ўзин отди муз
Бойсунтоғнинг қояларидан.

Шаҳар томон жўнади бола —
Қўлларида эски жомадон.
Жомадонда бир парча дала,
Уч-тўрт китоб, икки кулча нон.

Ҳовузларнинг тор ўлкасида
Қурбақалар кечаси ҳофиз.
Бошин қўйиб ёз елкасига,
Куйиб-куйиб йиғлади бир қиз.


ЧИРОҚ ҲАҚИДА БАЛЛАДА

Кундузлари бедардлик ёмон,
Кечалари беомон оғриқ.
Эшикни оч, турибман вайрон
Деразада солланган ёруғ.

Бошларимга ёмғирлар ёғди,
Эримади елкамдан қорлар.
Товушимдан шамоллар оқди,
Бўғзимда узилди торлар.

Изғиб туннинг тиғизлигида
Кичирайди, эзилди юрак.
Кир тўфонлар тўнғизлигидан
Толдим. Менга бошпана керак.

Деразангни чертган ёмғирмас,
Тепгани йўқ дарчангни шамол.
Улар — менман. Мен — бетоқат ғам,
Эшигингни, ёруғ, оча қол!

Хонадонинг нақадар равшан...
Салом, чироқ! Азизим, чироқ...
Мен яшайман энди сен билан
Бу эшикдан кетмайман йироқ.

Чўчимайман фалак қаҳридан,
Булутлардан қўрқмайман зарра.
Зулумотнинг сокин заҳридан
Асрар мен ёруғ бошпана.

Айланади томдан нарида
Алам ичра қоронғу офат.
Навоийнинг узун баҳрида
Мен ғазаллар қилгум тиловат.

Сўзлар энди кўнглимга чўри,
Кун кўраман қалбимни ёзиб.
Чироқ... Жоним... Бу нима кўрим
Сени шифтга ким қўйди осиб?

У хонага қўрқиб кўз ташлар,
Порлашида нурсиз бир ҳадик.
Қийналару кулиб сўз бошлар:
— Менга керак... Бошпанасизлик...

Тепасида турар буралиб,
Ип ичида ниҳон симарқон.
— Осилганча турибман қотиб,
Бошлана ҳеч керакмас... Ишон!

Бу тўрт девор айлагай асир
Қайда бўлса бир толим зиё.
Умидворсан ёнишдан, ахир,
Бир лаҳза ҳам бунда қолма, оҳ!

...Бир аламли йиғи тиғида
Томоғимга тиқилади шеър...
Тортиш кучи асирлигида
Тун қўйнида учиб борар Ер.


ЁСУМАН ПАРДА

Берилиб тортасиз ёноққа ёлқин —
Кўзгу қаршисида — сочингиз ёзиқ.
Бахмал вужудимни кўтариб толғин,
Мен шифтга саҳардан турибман осиқ.

Саҳнани севасиз сиз ҳам, севасиз,
Киясиз энг гўзал кўйлагингизни.
Чироқлар ўчганда титроқ сезасиз,—
Йиғиб ололмассиз ўйларингизни.

Бесабр қарсаклар чаласиз яна,
Юзимга урилар шундоқ зарблари.
Сиз мени кўрмайсиз қоронғуликда —
Саҳнадан улкандир менинг дардларим.

Саҳнани севолмас ҳеч ким мен каби!—
Мен уни асрадим — ўзимни осдим!—
Ялонғоч қолмасин бировнинг қалби,
Ё бирор нафислик бўлмасин босқин.

О, саҳна — бевафо — буюк олифта!
Ҳар оқшом,
Ҳар оқшом у мени сотди.
Кераксиз буюмдай итқитди шифтга,
Ё икки тарафга аямай отди.

Қаранг — сиз кўрасиз — ахир, ошиқсиз!—
Ҳар нозик ипимда тўлғонган ғамни.
Бунда чидаб бўлмас телбакор ишқсиз,—
Менинг бу яшашим Лайлидан камми?

Энг сара гулларни териб келгансиз,
Саҳнага муқаддас ихлосингиз кўп.
Жоним, бир даҳшатни аммо билмайсиз,
Бунда Ҳамлет ҳам йўқ, Алпомиш ҳам йўқ.

Бу сиру асрорим асрадим пинҳон,
Севмоқлик — маҳкумлик,
Маҳкумлик — рўзим.
Сиз билан бу кеча тортишга афғон
Мен ўзим ярайман,
Фақат бир ўзим!

Саҳнани севаман. Оғирдир аммо —
Дунёни қизишиб алдаркан ҳар кеч,
Ўзига заррача сочмади зиё —
Ўзини бу саҳна ўйнамади ҳеч.

Сизга раҳмим келар. Йиғлайсиз толиб,
Кафтингиздан тошар қарсаклар бечўғ.
Не қилай, дунёда қарсаклар қолди,
Саҳна йўқ, азизим,
Саҳна, ахир, йўқ.

Уринг пешонамга гулингиз билан,
Залдан ҳўнграб чиқинг — гулларни босиб.
Мен бунда қоламан, ёлғиз қоламан,
Йўқликнинг устига ўзимни осиб.

Бир маҳал сукунат чалар арғанун,
Қоп-қора жимликда ҳаяжон тошар.
Саҳна, билмам, қайдан қайтади — мажнун
Ва мени тун бўйи қилар томоша.


НАВОИЙ ҒАЗАЛИГА МУҲАММАС

Қисматим не бўлғисин эй кўкда шоҳим билмадим,
Ул фалак ё ишқда роҳим ёки чоҳим - билмадим,
Сезмадим жон оғриғин ҳажрингни токим билмадим,
Не учун тарки муҳаббат қилди моҳим билмадим,
Бу ғазабким айлади моҳим, гуноҳим билмадим.

Сенки, қанча айладинг жабру ситам - кўндим, висол,
Бир аросат дард ичинда най каби тўлдим, висол,
Тирилғаймен, лаб қўйғил лабни ол - ўлдим, висол,
Ошиқ ўлдим, ёрдин топқай дебон кўнглим висол,
Ҳажр бу янглиғ бўлурни кийнахоҳим билмадим.

Аҳли ғофил суҳбатида телбадир исмим оҳдин,
Тўлғониб шому сахар тилдаким «бисмил» оҳдин,
Бир умид, кофур ғам ичра ўлмағай муслим оҳдин,
Ёр кўйи ичра этди зор жисмим оҳдин,
Қайда тушганни бу елдин барги коҳим билмадим.

Ой юзингга етмадим-учдим фидойи қуш каби,
Чирқираб бузди фалакни индин жудойи қуш каби,
Тўзғиди тўфон таним - мен бир худойи қуш каби,
Ишқ бўстонига кирганда ҳавойи қуш каби,
Сунбули зулфи бўлурни доми роҳим билмадим.

Сен-ку буздинг ўртамизда қанчалар кўприк сафин,
Тунларим билгай фақат ҳажрингда оҳ-ўкрик сафин,
Гар писанд этмагайман ҳеч, тиғлару милтиқ  сафин,
Ақлу ҳушу сабрим итти кўргач ул киприк сафин
Бир-бир ўлмоғин қаро кўргач сипоҳим билмадим.

Англамоқ душвор эди қуллар аро шаҳзода ким,
Ким забун хокзодаю зар-зарин моҳзода ким,
Англа, кўнгил, барча қулдир бўлмайин покзодаким,
Кўрмагунча дайр аро тинч ўлмадим, тут бодаким,
Ғуссадин бу қалъа эркинни паноҳим билмадим.

Қисматим келмас малол, этса боримни қаро,
Оҳу зорим авжларида ул телба торимни қаро,
Оҳ, фақат йўқ тоқатим, қилма ёримни қаро,
Эй, Навоий, бўла қилган рўзғоримни қаро,
Ҳажр шоми эрди ёҳуд дуди оҳим билмадим.


СЕВГИ ҲАҚИДА ШЕЪРЛАР

1

* * *

Иш. Чой. Суҳбат. Овқат. Яна иш.
Ҳамма нарса ўйланган. Пухта.
Сўнг сен келдинг. Бошланди ёниш
Мувозанат йўқолди. Нуқта.

Мен қуладим ям-яшил ёзга,
Майсаларда қолдим беармон.
Мен қуладим гулдаги нозга —
Ариларнинг куйига. Тамом.

Мен қуладим кўз ёшларингга,
Тушларингга, ундан ҳам нари...
Мен қуладим қарошларишта —
Борса келмас муҳаббат сари.

Мен қуладим юксак фалакка —
Тубсиз зулмат билан бетма-бст.
Тамом. Нуқта. Самоват чекар —
Лабларида бесон сигарет.

Ҳамма нарса ўйланган. Пухта.
Тонг отади. Қуёш кулади.
Мувозанат йўқолди. Нуқта.
Тамом. Соғинч қадар қуладим.


2

* * *

Шамолдай елмоқда ҳанчалар уриндим,
Деворга урилдим, деворга урилдим.

Гарчи мен йўлимни боғларга солдим,
Дарахтга етмадим — деворда қолдим,

Севгилим, билурман ёлғиз ҳолингни —
Тошли дунё ичра сен ҳам толдингми?

Осмонинг тош эрур, тўрт тарафинг — тош —
Кўнглингта етмасдан бўлурман адош.

Кўзингда солланган мезонларинг — тош,
Хазонларинг тошдир, азонларинг — тош.

Баҳорда булутсиз кўкларинг тошдир,
Ҳатто кўзларингда чўгларинг тошдир.

Кунларинг ҳам тошдир, қисматинг ҳам — тош,
Шеърга солай десам, нисбатинг ҳам — тош.

Ҳатто — бу не азоб!— кучим стмайди —
Йиғлайсан — ёшинг тош, артсам — кетмайди.


3

* * *

Этигинг қизилдир, рўмолинг қизил —
Боряпсан иккита шаън шафақ аро:
Бирига бетугун ўралган юзинг,
Бири жонсаракдир — пойингда фидо.

Сени кўролмайман қайтиб ҳеч қачон
Ютганин қайтармас кўча — ялмоғиз...
Ҳатто қалбимдаги энг юксак осмон
Бундай шафақзорни тополмас ҳаргиз.

О, қисмат танимга армон солмоқда,
Беҳуда титранар руҳу тану жон.
Ана, қайтмас бўлиб кетиб бормоқда
Икки шафақ аро бир ёруғ жаҳон...


4

* * *

Ёмон тушлар кўрасан... Ёмон!
Лойқа сувлар... Тап-тақир чўллар...
Ҳорисанг-да сув ташиб чунон —
Тирилмайди қовжироқ гуллар.
Устингдаги келин кўйлагинг
(Кўргин тушнинг эртакларини)
Шамол қўли этолмай ғижим,
Силкитолмас этакларини.
Сув ташийсан — икки зил челак
Кафтларингни қияр — оқар қон.
Қон гулларга тушар томчилаб —
Гуллар зумда тортади алвон.
Сув ташийсан — англаб, тушуниб —
Бунда бордир бир даҳшат хато:
Ўзингнимас, гуллар тушини -
Армонини этаяпсан адо.
Яна даҳшат жойи (муқаррар
Сезаяпсан— ҳаммаси аён):
Агар гуллар ҳозир сўлсалар,
Кунлар келар ўлимдан ёмон.
Сен биласан, сувлар саробдир,
Фақат чўли тақир — ҳақиқат.
Гуллар умри беун хитобдир
Қонга ботган панжанг ҳақида.
Сув ташийсан бу рўзи шабда,
Шафақ оқар панжангдан сизиб...
Уйғонасан. Оппоқ чойшабда
Қоннинг эмас, гулларнинг изи...

Мен айтмаган, айтган соғинч сўз
Деразангга қўнар — мисли қуш...
Уйғонгансан... Юмолмайсан кўз...
Барибир туш... Ҳа, барибир туш...


6

Кўнгил бердим,
Умрим бердим.
Жоним бердим
Ётсан манго.

Нажот каби,
Умид каби,
Ҳаёт каби —
Ёдсан манго.

Кулги каби,
Шодлик каби,
Висол каби —
Олисдирсан.

Чидам каби,
Сукут каби,
Ўлим каби —
Додсан манго.


7

* * *

Кечиргин... Тун қорамас— мен қораман,
Юлдузлардан токи кўнглинг ароман.
Жоним, кўнглинг мисли шаъмдек титранур,
Шаъмга бағрим босолмай бенавоман.


8

* * *

Наҳотки, бир қараш...
Бир бесўз хитоб...
Бир тўлқин... умрнинг оромин бузса...
Шунча гўзалмисан,
Шунча сершитоб —
Қаерлардан келдинг, жонгинам ғусса?

Билмадим, қай унут баҳордан сабо
Ҳад билмай — етишди кузимга қадар.
Куз ва баҳор аро ёз турса аммо,
Кўришмоқ ҳижрондир,
Муҳаббат — кадар.
Уч ойнинг устидан қўлингни чўздинг,
Уч ойнинг устидан ўтди бир қарош.
Ҳаётни,
Эҳтимол ўлимни чўздинг —
Кузу баҳор аро талошман, талош.
Бир ишқнинг йўлида
Ул эрка баҳор
Наҳотки, кузаклик қарорин тузса?
Менинг кўзларимда ёшим шашқатор...
Сен нега куласан, гуллаган ғусса?


9

* * *

Осмон узилиб тушди...
Тақдиримни қоралаб,
Мен юрибман — осмоннинг
Парчаларин оралаб.

Осмоннинг синиқлари
Қонатди оёғимни.
Осмон узилиб тушди —
Сарғайтди сиёғимни.

Суйганим, ярамадинг
Ҳатто хайр-хўшликка...
На қуёшу на юлдуз —
Юксакдаги бўшлиқда.

Юксакдаги ҳечсизлик
Ўчирмас ҳатто тушни...
Сен қандай яшаяпсан?—
Осмон ўйилиб тушди...


10

* * *

Оташли бир боқдинг,
Оловли назарни ичдим.
Юзинг оқу қизил —
Шафақли саҳарни ичдим.

Бир туғён минг рангда
Юракка бостириб кирди.
Кезиб бир биёбон —
Минг феълли шаҳарни ичдим.

Эвоҳ, бу не ҳолким,
Ҳолатим ўзимдан кетмишдир.
Мастману ишқингда,
Қўрқдиму ҳазарни ичдим.

Бироқ билдим — кўзинг
Гўзалдир бу ҳаётда.н ҳам,
Жоним қурбон бўлсин!—
Бир ўтлиғ хатарни ичдим.

Масканим йўлингда,
Менинг йўлларим йўқ энди,
Келарни ичгандим,
Оҳ, энди кетарни ичдим.

Кўйингда эмраниб
Куйлолмас ҳеч ким менингдек,
Ичдим барча сўзни —
То сенга қадарни ичдим.

Ўйнаб яшайвергин,
Қувнаб яшайвергин, жоним!
Ғам кетди оламдан —
Мен жаъми кадарни ичдим.


11

* * *

Бир гул эдинг — шамол бўлиб
Чаманингни кўриб кетдим.
Шамоллигим дардинг билан
Адо бўлди — қуриб кетдим.

Бир гул эдинг — баҳорингда
Борлигимни сезганинг йўқ —
Дўзах сари ўзим йиғлаб,
Карахтликда юриб кетдим.

Дўзахнинг ўтида куйдим,
Дўзахнинг ўтида кулдим —
Жамолинг шуъласи тушгач,
"Ё, Оллоҳ" деб туриб кетдим.

Сенинг ҳижрингда гар ўлсам —
Тирикликда не армондир —
Сени ҳайрон этиб, йўлни
Айрилиққа буриб кетдим.

Ғурурим измида, ёрим,
Бу дунёдан бородирман —
Кета-кетгунча кўксимга
Уриб кетдим, уриб кетдим.

Висолинг йўқ эрур Ерда,
Самога етмадим, гарчи
Гўзал тушлар қучогида
Гўзал ўйлар суриб кетдим.

Келар авлод, қайғу тортсанг,
Мени қарға! Мени қарға!—
Бу дунёни ўзим ёшга
Қориб, ғамдин қуриб кетдим.


12

* * *

Ҳамма сабр ҳукмингда — вайрон,
Балки шайтон,
Балки набисан...
Сендан бошқа неки бор — арзон,
Томоғимда йиғи кабисан...


13

* * *

Оламга сочди шамол,
Жамимни зарра-зарра.
Аммо дилга жам этди
Ғамимни зарра-зарра.

Қўрғон эдим — емирди,
Елларда бўлдим ғубор.
Ғубордин бунёд этди
Ғанимни зарра-зарра.

Гоҳо бахтда аврадинг,
Гоҳо бебахтлик билан—
Оқибат мендан олдинг
Шаънимни зарра-зарра.

Айрилиқ шамолида
Кечалар учқун отдим,
Кечалар олиб кетди,
Шамимни зарра-зарра.

Баҳорларда қувончга
Дарс айтган шоир эдим —
Энди куз ғамдай ўқур
Таълимни зарра-зарра.

Камолли кунларимга
Насиб этмаган ёрим,
Йиғла! Шамол учирар
Танимни зарра-зарра.


ЯНА СЕВГИ ҲАҚИДА ШЕЪРЛАР

1

* * *

Сўзларингда — ҳасрат, кўзларингда — нам
Суйганим, ғуссангга тўлди-ку олам...
Кўнгил салқинида севги — бир шабнам,
Қуёш кулганича яшаб ўтадир.

Туманлар ичинда боғлар ҳайрондир,
Айрилиқ булбули жонда сайрондир,
Иккимиз тузган бу юрак вайрондир —
Ишқ сели харобат ташлаб ўтадир.

Ишқ дедик — йўлида адо бўлдик биз,
Ишқ қайда? Билмадик — хато бўлдик биз,
Ишқимизу ишқ сўраб гадо бўлдик биз —
Ишқ жондан дўзахни бошлаб ўтадир.

Кўксимдан қалб чиқди — очилиб қолди,
Шамоллар тикандай санчилиб қолди,
Замон тўфонида янчилиб қолди —
Ошкормас, пинҳон дард яшнаб ўтадир.

Суйганим яшамоқ сабру қаноат,
Дақиқа — синовдир, лаҳза — синоат,
Ишқ деб адо бўлмоқ балки саодат —
Гарчи у кўзларни ёшлаб ўтадир.


2

* * *

Мусиқа! Измингга тушганлар хордир —
Ҳамма пинҳон дардни ошкор этди куй.
— Жоним, нажот борми?
— Нажот? Ҳа, бордир!—
Куйгин! Яна куйган! Фақат яна куй!

Мусиқа! Узилсин сенинг торларинг —
Қайтадан кўнгилда титранди аяам.
Гулханга айланди йўғу борларим:
— Жоним, оловдаман!
— Ёнаяпман мен ҳам!

Мусиқа! Жонимнинг ичида бурал,
Бўғзимга қадалган азобинг оздир...
— Жоним, ёнмоҳ бунча шириндир бу гал!
— Жоним, бирга ёнмоқ барибир создир.


4

* * *

Энди тиканлими бу эрка йўллар,
Ё йўл тугадими — энди қайтишми?
Гуллаган севгидан қолдими чўллар,
Энди бегонадай "хайр" айтишми?

Оҳ, қачон алдашга ўрганасан сен,
Юзингда кулгию лабингда титроқ.
Мен учун ўртанмай, ўртанасан сен...
Қўрқма! Тилларимда қолмади сўроқ.

Не қилай? Юракдан бўшади таним,
Нажот — кўнишдами, нажот — ўлишда?..
Азизим, азизим, азизим маним,
Айт, қачон улгурдинг жоним бўлишга?


6

* * *

Булутлар тўхтади, шамол тўхтади.
Қорнинг учқунлари қотди муаллақ,
Соғинган дунёни сукут йўқлади,
Сенинг йўқлигингни эслатди барҳақ.

Чопқир дақиқалар йиқилди беҳол,
Лаҳзалар кенгайди — дунёча тошди.
Умрим вайронадир, вужудим — завол,
Руҳим — бир хўрсиниш, бир қатра ёшдир.

Соғинч!
Бениҳоя, бесарҳад соғинч,
Сенинг паймонанпа қачон етурман?
Ҳозир дунё — сокин,
Ҳозир дунё — тинч,
Шамоллар қўзғолса, тўзиб кетарман....


7

* * *

Тўртбурчак дунёни деворга осдим.
(Дераза... Ташқари... —суратдан камми?)
Ва сени соғиндим... Нимадир ёздим...
Эвоҳ, Дилга яқин келтирдим ғамни.

Чирмашди қорларнинг ипи чинорга
(Дераза... Ташқари... —бу сурат — тирик),
Тўрт бурчак дунёни осдим деворга —
Наҳот, сен ўтмайсан суратдан юриб?

Пардани бир силтаб (юрак умидвор),
Тўрт бурчак дунёни деворга осдим...
Сен кетган йўлларни босди оппоқ қор,
Сен қайтмас йўлларни оппоқ қор босди.


8

* * *

Эшигини бекитди беҳишт —
Қаршимизда ёнар жаҳаннам.
Фаришталар ҳаммаси беиш,
Жоним яна қийноққа тегиш —
Неча аср ёнаман, эгам?

О, суйганим! Куйганим маним!
"Тангри — бир" де — бўларсан озод.
У ҳар касни этгуси барбод,
Уни якто билмаган — ғаним,
"Тангри — бир" де — қайтади ҳаст.

"Ҳа, тангри— бир! Ҳа, тангри — якто..."—
Бунча тезкор тавбанинг кучи:
Атрофингни ўрару наво,
Менинг мудҳиш дўзахимдан, о,
Фариштадай кетгайсан учиб.

Бунча оғир тангрим саволи:
Кстган севги — шу дўзах, шу гам,
Қолган умр — ғамнинг баёни...
Йўқ, етмагай ёлғонга ҳолим —
Менинг тангрим иккидир, эгам!


ЧАПАНИ ЁХУД ЖАЙДАРИ ШЕЪРЛАР

1

* * *

Шамолларда кўзимдан
Учган ёшимсан, ёр-а.
Кўнгил тубига чўккан
Оташ тошимсан, ёр-а.

Ошиқ дилга ярашгай
Девоналиглар, ёр-а.
Ошиқларни ўлдургай
Бегоналиғлар, ёр-а.

Бегоналиғ ичвда
"Оҳ"лари кўпдир, ёр-а.
Ташлагани ҳижроннинг
Чоҳлари кўпдир, ёр-а.

Бахтни осмонга отдим
Қайтиб тушмади, ёр-а.
Юрак асли қуш эди —
Нега учмади, ёр-а.
Ҳай, ёр-а!
Вой, ёр-а!
Юрак бўлди овора...


2

* * *

Чаман ичида ўсиб
Гул бўлган омонёрим.
Булбулнинг овозига
Қул бўлган омонёрим.

Ғусса, ғусса, минг ғусса
Хун бўлган омонёрим.
Оташин ишқи туриб,
Кул бўлган омонёрим.

Кундузимнинг қўйнида
Тун бўлган омонёрим.
Кулгулар жарангида
Мунг бўлган омонёрим.

Сенга қачон қилгандим
Ёмонлик, омонёрим.
Юрагимда қолмади
Омонлик, омонёрим...

Омонёр...
Омонёр...
Юрак энди тамом, ёр!..


3

* * *

Боғ нчинда бир дарахт,
Ёлғизлигидан бебахт,
Куйган ёр.

Яшил эди баргларим,
Сарғайтирди дардларим,
Куйган ёр.

Кузга мезон осиб ўт,
Хазонимни босиб ўт,
Куйган ёр.

Айрилиққа толмагин,
Кузда ёлғиз қолмагин,
Куйган ёр.

Кузда йўқдир рўшнолиғ,
Бекор бўўлди ошнолиғ,
Куйган ёр.

Сўрмадинг бир ҳолимни,
Куз олди-ку жонимни,
Куйган ёр.

Куйган ёра-а,
Куйган ёр!
Куйишини қўйган ёр...


4

* * *

Шамоллар оқиб ётар,
Алам ёр,
Эшикни қоқиб ётар,
Алам ёр,
Ҳижрон деган бир илон,
Алам ёр,
Юракни чақиб ётар,
Алам ётар,

Илон заҳрида сўлсам,
Алам ёр,
Сенинг ишқингда ўлсам,
Алам ёр,
Кўзни юмар пайтимда,
Алам ёр,
Дийдорингни бир кўрсам,
Алам ёр.

Алам ёр,
Алам ёр,
Алам бўлди олам, ёр!..


5

* * *

Бу дунё бир майхона,
Алёр.
Соғлар ундан бегона,
Алёр.
Бир пиёла ишқ ичгин,
Алёр.
Юрак бўлди ғамхона,
Алёр.
Ёлғизгина армоним,
Алёр.
Гухандаги замоним,
Алёр.
Йўлингдан юриб бўлмас,
Алёр.
Куйиб борар товоним,
Алёр...

Алёр-а,
Алёр-а,
Алёр!
Ёқам йўқ. —
Қўйворгин, ағёр...


6

* * *

Ўйнагунча ўйнагин,
Ҳа, дўст, ёр.
Ўйнашингни қўймагин,
Ҳа, дўст, ёр
Ўйнаб-ўйнаб дунёда,
Ҳа, дўст, ср.
Менинг каби куймагин,
Ҳа, дўст, ёр.
Ҳижрон йўли қародир,
Ҳа, дўст, ёр.
Ғуссанг ундан бородир,
Ҳа, дўст, ёр.
Ғуссанг у йўлдан бориб,
Ҳа, дўст, ёр.
Юрагимни ёродир
Ҳа, дўст, ёр.

Ҳа, дўст, ёр-а,
Ҳа, дўст, ёр,
Ҳа, дўст, ср.
Ўзим ўзимга ағёр,
Ҳа, дўст, ёр.


7

* * *

Иккимиз ҳам подшоҳ бўлдик,
Дод-а,
Битта юртга ошно бўлдик,
Дод-а,
Ишқ атоғли битта юртни,
Дод-а,
Бўлолмасдан адо бўлдик,
Дод-а.
Дод-а, бедод-а, дод-а...
Қийнамагин жонимни
От-а!
Сен гуноҳкор, мен гуноҳкор,
Дод-а,
Ёшларимиз ҳатор-қатор,
Дод-а.
Ишқ деган бир бечорага,
Дод-а,
Икки дилда ҳурилди дор,
Дод-а...
Дод-а, бедод-а, дод-а...
Дод-а,
Қийнамагин жонимни,
От-а!
Ғамли шеърлар ёзилгайдир,
Дод-а,
Ғам ҳам бир кун босилгайдир,
Дод-а.
Ҳувиллаган икки қалбга
Дод-а,
Биргина ишк, осилгайдир,
Дод-а...
Дод-а, бедод-а, дод-а...
Қийнамагин жонимни,
От-а!


8

* * *

Чўллар аролаб кетма —
Чаманёрингман.
Сароб қаролаб кетма,
Чаманёрингман.
Янтоқларга кўз тикиб
Чаманёрингман,
Гулни яролаб кетма,
Чаманёрингман.
Ёмғирингдан ичмадим —
Чаманёрингман.
Шабнамингни ҳучмадим -
Чаманёрингман.
Саҳродан ҳам сарғайиб,
Чаманёрингман,
Сендан зарра кечмадим,
Чаманёрингман.

Чаман ёр, чаман ёр,
Чаманли бўлдим.
Чаманнинг ичида
Аламли бўлдим.


9

* * *

Боғлар зар бадану зар сийна ўлди,
Ерда — мен, фалакда — ой тийра ўлди.
Мовий осмонлардан нарига боқдим —
Соғиндим, соғиндим — дард хийла ўлди.

Фироҳни лаҳзада кўмгим келадир,
Бедард ёр, наҳотки, ўнгим келадир?
Хазонли боққа кел — сени соғиндим,
Сени кўрмай десам, ўлгим келади...


"ХАМСА"ГА ТАТАББУ

1

ҲАЙРАТ-УЛ АБРОР

Ҳикматни кўп кўрдим бу дайри дунда —
Кулгили бўлмасми бир сирни очсам.
Қуёш томон юрсам — соям ортимда,
Соям олдиндадир қуёшдан қочсам.


2

ФАРҲОД ВА ШИРИН

— Мен ёмон
Сен чинни суйдим...
— Мен ҳам ёмон,
Сен ҳам ёмон.
— Мен ғулом,
Сен ҳурни суйдим...
— Мен ҳам ғулом,
Сен ҳам ғулом.
— Мен тобон,
Сен кунни суйдим...
— Мен ҳам тобон,
Сен ҳам тобон.
— Мен замон,
Сен тунни суйдим...
— Мен ҳам замон,
Сен ҳам замон.
— Мен тўзон,
Сен ҳулни суйдим...
— Мен ҳам тўзон,
Сен ҳам тўзон.
— Мен хазон,
Сен гулни суйдим...
— Мен ҳам хазон,
Сен ҳам хазон.
— Сен билан тўлди дилим,
Мамот ичинда
Ҳаёт — сен...
— Мамотдан улуғ
Мен — Ширин,
Ҳаётдан улуғ
Фарҳод — сен...


3

ЛАЙЛИ ВА МАЖНУН

- Ҳижрон даштида хормиз.
- Лайлию Мажнунлик шу.
- Висолга зору зормиз.
- Лайлию Мажнунлик шу.
- Қисмати мушкул кормиз.
- Лайлию Мажнунлик шу.
- Ҳасратга мудом ёрмиз.
- Лайлию Мажнунлик шу.
-Ёз куни ёққан қормиз.
- Лайлию Мажнунлик шу.
- Бир-биримизга дормиз.
- Лайлию Мажнунлик шу.


4

САБЪАИ САЙЁР

Бир сайёҳ айтдиким,
Дунёни кўрдим —
Ноласи йўқ эрур
Қўшиқдан ўзга.
Иккинчиси айтди:
— Дунёни кўрдим —
Асл жамолини
Яширган кўздан.
Учинчиси айтди:
— Дунёни кўрдим —
Қадами жонларнинг
Фароғатидир.
Тўртинчиси айтди:
— Дунёни кўрдим —
Мағзи — дўстга дўстнинг
Рақобатидир.
Бешинчиси айтди:
— Дунёни кўрдим —
Кафтимда қум каби
Оқиб кетди у.
Олтинчиси айтди:
— Дунёни кўрдим —
Бир малак суратда
Боқиб кетди у.
Еттинчи айтди:
— Дунёни кўрдим —
Ичида одамзот
Чала иморат...

Ғойиб нидо айтди:
— Яхшилаб қаранг...
Ҳаёту Мамотдан
Дунё иборат.


5

ДЕВОР ЁХУД САДДИЙ ИСКАНДАРИЙ

Қор ёмғирдан қўрқади.
Ёмғир қуёшдан қўрқади.
Қуёш булутдан қўрқади.
Булут шамолдан қўрқади.
Шамол сукутдан қўрқади.
Сукут сурондан қўрқади.
Сурон ўлимдан қўрқади...

Ўлим кимдан қўрқади?
Ўлим кимдан қўрқади?
Тангрим, нега жим турибсан
Айт, ўлим кимдан қўрқади?


КЎНГИЛ

1

* * *

Ёлғизгина жаҳоним,
Осмондаги тобоним,
Менинг кўнглим тўлмади —
Кўнглимни тўлдир, жоним.

Бир маюс қарош билан,
Рашк билан, талош билан —
Кўнглимни тўлдир, жоним,
Пинҳон томчи ёш билан.

Қарошинг нозли-нозли,
Нозингда ишқинг оздир.
Менинг кўнглимда аёз,
Сенинг кўнглингда ёздир.

Сабрим толиб кетмоқда,
Ишқим ёниб кетмоқда.
Кўнглим тўлмади маним —
Кўнглим қолиб кетмоқда...


2

* * *

Кўнглим чўкди.
Кўнглим булутдай чўкди —
Кўнглим — қабрдай чўкди.
Ноумидлик ичра ғариб
Бежон сабрдай чўкди.

Кўнглим чўкди.
Кўзим тубсизлигига
Пинҳон ёш каби чўкди.
Ҳаётнинг уммонига
Тушган тош каби чўкди.

Кўнглим чўкди.
Тириклигим — ўлимдан баттар.
Шамолларда соврулдим — бечўғ.
Ғамгин турма, ҳаёт, қаршимда
Энди кўнглим йўқ.
Энди кўнглим йўқ.


* * *

Чида, юрак — зормонда,
Самоватда — қўлларим.
Қуёш кўкда чирманда —
Куйиб кетди қўлларим.
Кул бўлди Ерда тинчим..
Суриштирмай гамимни —
Янги ойнинг қиличи
Бўлаклади танимни.

Юлдузлар орасида
Сукут қотган — беҳудуд.
Сукунатнинг дастида
Пажмурда бўлди вужуд.
Самоватда довуллар
Кўчмай туриб сўзимга,
Учар тошлар ловуллаб,
Босиб кирди кўзимга.
Тарк этмоқда ҳаётни
Жондаги сўнгги учқун.
Айб — менда!
Самоватни
Ерга туширдим нсчун?..


* * *

Саратоннинг самоватида
Қовжираган бир парча абр,
Дунё — қуёш оташгоҳида —
Вужудини ёқар бесабр...

Ёнган эдим саратонсиз ҳам!—
Баттар куйдим, кул бўлдим баттар.
Нақ кўксимни мўлжаллаб бу дам
Қуёш олов найзалар отар.

О, нақадар ҳолсизман! Ёраб!
Тақир каби юрак ёрилди.
Дил! Оловни кетгин оралаб,
Олов ичра руҳга бор энди.

Учрашинглар ойдин маконда,
Баҳор каби яшаганлар кулиб...
Ҳозирча мсн ёзги осмонда
Қовжираган бир парча булут.


* * *

Менинг кўкрагимда отлар чопади,
Менинг кўкрагимда бсаёв қирғин.
Минг битта юрагим ўлим топади,
Минг битта ҳаётим бўлади сургун.
Руҳим ва дунёнинг жанггоҳларида
Оёқости бўлди фақат сабил жон,
Шиддатнинг елдирим сабоқларида
Ўлим осон эрур,
Тану жон — арзон.
Қайтинглар! Эрисин кўнгилнинг чери,
Ахир, бору йўғим фидо бўлди, бас...
Минг битта юракдан қайтади бири,
Аммо ҳаётимнинг бири ҳам қайтмас...


* * *

Мен ҳоридим йўлларни кезиб,—
Ҳечлик сари барча-барча йўл.
Ҳаётидан бекорлик сезиб,
Ўзни осди кифтларимга қўл.

Умид — бебахт, содда алдамчи
Бунёд этди оқибат кимга?—
Қафасидан учиб чиқмоқчи,
Урилади юрак кўксимга.

Кетгин, юрак, кетгин... Бемалол!
Мангу видо, юрагим — жоним!..
Тирикчилик керак эҳтимол —
Зўриқмасдан яшаш имкони.

Балки ростдан қисматни босди
Бемақсаду беҳушлик йўли...
Ахир, нега ўзини осди
Кифтларимга меҳнаткаш қўлим?


* * *

Яшамоққа етмайди бардош,
Термуламан кўкка — кенг ғамга.
Кўнгилчан қиз —
Ҳаёт қўяр бош
Қирққа кирган ҳорғин елкамга
Худди осий юлдуздай учиб,
Руҳ юксакдан
Пастга энмоқда...
Чарчаганман.
Етмайди кучим,
"Кўп оғирсан, ҳаёт", демоққа.


* * *

Майда ташвишларда майдаландим мен —
Минг тараф югурди мингта бўлагим.
Эски йўлларимда қайталандим мен —
Тилагим тўзиди, толди юрагим.
Бетоқат курашнинг вайронлигида
Йиқилдим — вужуду руҳим чилпарчин.
Менинг мағлублигим зиндонлигига
Ботиниб боқмади бирор Ойбарчин.
Ёлғизликнинг буюк сукунатида
Қоронғу осмонга боқаркан кўзим,
Миямнинг шовқиндан йироқ қатида
Шарпадай "лип" этди тўзғиган ўзим.
Бир тирик нуқтага жамлаб дардимни,
Дил ўзлик ортидан чопаркан ҳалак —
Юрагимга қўйди битта гардимни
Ёлғизлик — меҳрибон тилсиз капалак.


* * *

Қизғалдоқлар гулханига
Исингани кетдим мен...
Гулханнинг энг улканига
Ўлмай туриб етдим мен.
Бу оловда эриб оқди,
Ёниб оқди муз жисмим.
Ғамларимни баҳор ёқди,
Юрагам тилсим-тилсим!
Алвон даштда мавжли-мавжли
Шамол каби югурдим.
Кетди дилнинг совуқ ранжи —
Майсаларга юз урдим.
Ва танидим барчасини:
Мингдевона, гунафша...
Миттигина баргчасида
Шабнам тутди бинафша.
Чумолилар билан кездим
Қиёқлар орасида —
Бир сокинлик тушди — еездим
Кўзимнинг қорасига.
Мени қучди ишқнинг армон
Қучоғидай тиниқлик.
Вужудимга кирди мастон
Ошкора бир тириклик...
Гулханнинг энг улканига
Ўлмай туриб етдим мен.
Ҳеч бўлмаса, уч кунгина
Ўзимни бор этдим мен...


* * *

Эркни соғинган,
Эй, ўртанган одам,
Денгизли дунёда кезарсан ташна.
Зиндон бор кўнглингнинг юксаклигида,
Ўзингни у юксак зиндонга ташла.
Улкан сукунатнинг кечаларида
Шунда юрагингдан оқиб ўтар Вақт.
Юракнинг топталган кўчаларида
Нопармон гуллайди "Бахт" деган дарахт.
Байроқлар кўтарган эркни кўрдинг сен,
Балчиққа беланган туғларни кўрдинг.
Алдоқ кўчаларда йиғлаб турдинг сен,
Содда кўнгилларни отганда кўрим.
Жавзо кунларида
Подшоҳ бўлди ўқ,
Қабрлар кўмилди тутунлигича...
Мисқол-мисқол эркни истамайсан,
Йўқ!
Сенга Эрк керакдир
Бутунлигича.
Кўнглингнинг чоҳига ўзингни ташла,
Қарагин, бу зиндон дунёдан кенгдир.
Ғойибдан бир садо қичқирар ташна:
Кўнгилга стганлар — Оллоҳга тснгдир...


* * *

Оғир бўлди менга оғир бўлди,
Рўҳим ўлди, кўнглим сағир бўлди.
Гарчи бори вужуд бағир бўлди —
Лабларим ёшимдан тахир бўлди
Тирикман — лек умрим охир бўлди,
Руҳ ўлди — қиёмат зоҳир бўлди...

* * *

Дсворлари йиқилган боғ,
Баргларидан айро боғ,
Куз қўйнида ёлғиз турар —
Яйдоқ даштнинг буржида.
Қанотлари туманларга
Илашиб, ғамнок-ғамнок
Қушлар келиб қўнишади
Дарахтларнинг учига.
Якка боғнинг боғбони, қей,
Кснгликлардан толдингми,
Шаъну шовқин масканларда
Топдингми бирор нажот,
Соғинчларда ўртанганча
Ё беилож қолдингми,
Сени бирор тинч қабрга
Ташлаб кетдими ҳаёт?
Деворлари йиқилган боғ
Бу дам ғарибу фақир —
Омон бўлсанг, тезроқ келгин
Боғбон, боғингда хатар...
Боғ сенингсиз ҳаётидан
Сўзлаяпти нимадир...
Тезроқ келгин,
Боғнинг тилин
Мсн билмайман, биродар...


ТАЗАРРУ БОҒЛАРИ

МУҚАДДИМА

1

* * *

Оташин тахтидан қулар саратон,
Самода титранар ҳазин тиниқлик.
Қайдандир адашиб қайтади армон —
Руҳингга киради мубҳам синиқлик.
Етмоқ оғирлашар — юрагинг теран,
Унга чўкиб кетар зирқираб жисминг.
Гаплаша бошлайсан самоват билан —
Тилингга келади оғир сўз: "Бисмил..."
Ў, умр!. Йўқликнинг бизга совғаси,
Беҳудуд ҳечликдан — садақа, тортиқ —
Митти саодатнинг буюк савдоси —
Муваққат юлдузлик ўртагай ортиқ.
Тунги салқинларнинг намхуш бағрида
Туғила бошларкан минг тугун савол,
Кўнгил яқинлашиб келар тангрига,
Фожеа туюлмас оқибат — завол.
Қара, қандай оқар Вақтнинг дарёси:
Соҳилу чексизу мароми сокин.
Унда ўтиб кетган тунлар сиёси,
Унда мен етмаган кундузги ёлқин.
Синган қайиқ каби турибди ғамгин,
Балчиққа кўмилиб ҳорғин сумбати,
Вақтнинг маромини бузган юрагим —
Саноқли кунимнинг сонсиз ғурбати.
Ҳа, ҳаёт ўзининг пўлат домида —
Бостириб келмагай фалокат туйқус.
Заволат жимгина қўнар ёнимга
Боғларга оҳиста тушган каби қуш.
Худойим! Тамоман уйқудан уйғот —
Бедор онларингнинг бўлай марҳами...
Тунлар завол билан қураман суҳбат
Худди ҳаёт билан гаплашган каби.


2

* * *

Инсоният сенда акс этар
Қайтарилмиш руҳингда олам.
Вужудингдан туманни кўтар,
Таниб олгин ўзингни, Одам.

Сендан жаъми йўллар ўтгандир,
Ҳамма тугун жонингга чалкаш.
Тангрига ҳам бир нур кетгандир —
Кўнгил каби нозик, телбаваш.

Титранмагин — ичингга тушгин,
(Теранлигинг — бунча ваҳима)
Бир тола нур изидан учгин —
Теранликдан келган Ваҳига.

Сен етарсан кўнгил тубига,
Унда поклик зиё таратар.
Ул покликнинг ҳар заррасида
Тазаррулар сени яратар.

Ўзни таниш фурсати — узоқ,
Қандай қийин ёнади гуноҳ...
Сен ўзингни таниганинг чоғ,
Жамолини кўрсатар Оллоҳ...


ҚИШКИ БОҒ

1

* * *

Чегара йўқ қиш билан кузда —
Ташҳарида қайси фасл, кун?
Қиш эртачи чиққанми ишга—
Тонг отмади — узайди бу тун.
Хаёлимнинг минглаб дарчаси,
Дилнинг минглаб деразасидан —
Хотирамнинг минглаб парчаси
Кирди соғинч чегарасига.
Тонг отмади. Кўзларинг бу дам
Қоронғудан менга боқди жим.
Уриндиққа ястаниб олган
Ҳарир кеча ғижиму ғижим.
Узайди тун. Узайди бу тун.
Тонг отмади. Бу феълинг таниқ —
Сен жонимни қийнамоқ учун
Бу кечани узайтдинг. Аниқ.
Кўзларингга кўчирдинг пинҳон —
Пинҳон ўтган дардларинггача.
Тонг отмади — забт этди армон
Миямнинг қат-қатларигача.
Тонг отмади. Узайди бу тун
Деразамга қолди бойланиб...
Қанақа йил ташқарида, кун,
Қайси аср келди айланиб?


2

* * *

Қишда дарахтларнинг туриши
Бола чизган сурат — чалкашган.
Кафтларида қорлар тутишиб,
Журъатлари йўқдир отишга.
Бу қиш сенсиз йўқман нақадар!—
Номукаммал — чизги юракман.
Соғинч тўла руҳимга қадар
Қорлар тушар олов фалакдан.
Сен — юксакда. Ҳар қадам — ўтлиғ.
Етти қават эди-ку осмон —
Етмиш қават осмондан ўтдим —
Тугамади соғинчу ҳижрон.
Кўчаларда мен йиғлаб кездим,
Ўйладилар — жунун қовурди.
Мен ҳажрингда танимни ёқиб,
Шамолингга эркни совурдим.
Кашф этмадим бешинчи фасл.
Бу ёзу қиш, кузагу баҳор,
Билдим, чархнинг алдоқчи дарси —
Фақат васлинг ҳақдир телбавор.
Қишда дарахтларнинг туриши —
Бола чизган сурат — чалкашган.
Қалбу руҳим борар қуришиб,
Сўзим ёниб борар оташдан.


3

* * *

Севги — хатда нақадар гўзал!
Дили — аён, рухсори — тиниқ.
Гар қоғозга тушган бесайқал,
Ишқ селидан кўзлари тиниб.
Севги — хатда нақадар содда,
Унутгандир ўтмиш аламин.
Юрагини шоҳ билан зотга
Топширмоқчи бутун оламни.
Севги — хатда нақадар яқин.
Қаламга сир пичирлаган лаб,
Гўё ҳозир портлайди — чақин...
Лабларимда ўтдан қолган тафт.
Севги — хатда қандай барҳаёт...
Тугаб борар сабру бардошим.
Йиртаману — етмайди сабот
Ёқаману — тинмайди ёшим.


4

* * *

Асабларинг узиляпти —
Ноаниқлик — бедаво қайғу.
Тақдир йўли бузилаяпти,
Ҳатто яқин келмайди уйқу.
О, учмоқлик қандай ҳавасдир!
Умид қуши толди интилиб.
Ахир, осмон жуда ҳам пастдир —
Юраккача келган бостириб.
Телефонлар жиринглар, фақат
Рухсат берар кўчалар сайрга.
Сен — этмоқчи бўлиб ибодат,
Адашибми кирдинг бу дайрга.
Ошиқ — севги дайрида хордир...
Қайт, тавба қил, номусулмоним!
...— Севилганнинг худоси бордир,
Севилмаган худосиз, жоним…


5

* * *

Кўкда осмондан ҳам катта ғоз...
Кўкдан улкан куч гозни отди.
Оқ патлари тузгади нохос —
Дунё оппоқ патларга ботди.

Осмондан ҳам катта гоз ғами
Фақат сени айлади вайрон.
Оппоқ патлар тузғиган дами
Мен хонамда йиғладим гирён.

Ҳеч ким кўрмас — мегагаг кўзимга
Ғоз нигоҳи совиб боқадир.
О, бир куни шомнинг юзига
Шафақ бўлиб қони оқадир.

Ўйна, жоним! Қор отиб уйна!
Сайр айлагин, ғуссангни унут.
Бечора гоз парчаларида
Руҳу жонинг яйрасин кулиб.

Ғоз хотири — менинг қалбимда,
Ҳаётимда — минг пора уни.
Совиётган кум-кук лабимда
Шўрлик ғознинг нафис учқуни.

Бу фалокат асоратини —
Маргни кўз-кўз этмагай кўрим:
Гўзал гознинг ҳалокатини
Битта узим... Бир ўзим кўрдим.

Уйна, жоним! Қор отиб уйна!
Сайр айлагин — ғамингни унут.
Бечора ғоз парчаларида
Мен овчини турибман кутиб...


6

* * *

Тирикликнинг терс уммонидан
Қийналдик биз — пешона шўрлар.
Ана, қишлоқ қабристонида
Тўнтарилган қайиқдир гўрлар.
Жоним менинг,
Азизим менинг,
Чорасизман — бўғимда улув;
Яшамасанг дунёга келиб,
Ҳаёт қандай кўринсин сулув.
Чанқоғингни босолсанг, қани,
Қиш тонгининг тоза намига.
Тангрим нега қул этди сени,
Тентиратди қорин ғамида?
Сен турибсан, мана ўртада:
Юрак тамом — толган югуриб.
Чўнтагингдан — тешик паттадай
Тушиб қолар сўнгги ғуруринг.
Осмон билан Ер ўртасида
Тўзғиб ётар қорнинг иплари.
Қайдан ботдинг тун қорасига
Нега бунча чўккан кифтларинг?
Ана, чиқар зулмат қўйнидан
Қуёш номли бир эрка юлдуз —
У уфқнинг узун бўйнидан
Қонли шарфни чарақлаб юлди.
О, чайқалди яна бир дунё!
Жоним дорбоз,
Дорга чиқ бешашт.
Жонинг омон бўлсин, илоё...
Яшаш шудир,
Мана шу — яшаш...


7

* * *

Самоватда муз гулхан енди,
Ҳаволарда учқун отди қор.
Қаҳратоннииг ўтига содди,
Ер юзини гумбази даввор,
Лирилиқда муз ениш — узун,
Қор устига тукилган гамман.
Кўкрагимга урилган учқун
Тешиб, утиб борар елкамдан.
Кўзларимдан миямга қадар
Изғиринлар кираркан елиб,
Англайманки, келар муқаррар
Ҳақ васлининг музаффар сели.
Бир-биридан айрилмоқда ҳуш —
Руҳу таннинг ини узилган.
Менинг руҳим — бир ингичка қуш,
Ер қаърида Кўкка чўзилган.


8

* * *

Яшамоқдан қийналди одам.
У ўйлади — кун кўрди бекор.
Ташқарида оқ эди олам,
Ташқарида ёғар эди қор.

У ўйлади — енгди қишу куз,
Ёлворса ҳам қайтмайди баҳор.
Ташқарида оқ либос нуфуз,
Ташқарида ёғар эди қор.

Ёлғизликнинг чексизлигида
Рўзғорини кўрдиким — афғор.
Нисбат топмай тенгсизлигига,
Ташқарида ёғар эди қор.

Одам маъюс чиқди ҳовлига...
Ёруғ олам хонасидан тор.
Хуш ҳавони босиб боврига,
Ташқарида ёғар эди қор.

Ўралмоқда кўкка тутуни —
Бу уйларнинг нима дарди бор?
Бутун жисми билан тўкилиб,
Ташқарида ёғар эди қор.

Бош уриб уй деворларига
Этдимикан шўрликни безор?
Кечиб дунё ғуборларидан,
Ғуборларга ёғар эди қор...

Чироқ ёнди деразаларда,
Эшитилди ғаройиб куйлар.
Поезд каби аллақайларга
Қатор бўлиб жўнади уйлар.

Кетар эди суюмли ёри —
Қарашида мунглиг истиғфор.
Майдаланиб, негадир қариб,
Уйнамасдан ёғар эди қор.

Деразадан силкитмасди қул,
Йиғламасди фарзанди ошкор.
Кетгунича оппоқ эди йул,
Ҳамма йулга еғар эди қор.

Кетар зди онаизори —
Манглайнни муштлаб устивор.
Туманларнинг бағрини ериб,
Туманларга егар эди қор.

«Хайр» дейди дўсти ҳамкори —
Сабру тоқат қолмоги душвор.
Ҳавонинг тош бағрини ёриб,
Дўстликка ҳам еғар эди қор.

Чонди уйлар ортидан одам,
Улгурмади — талпииди бекор.
Теваракда оқ эди олам,
Тсваракда егар эди қор.

Одам қолди — кўзида ёши,
Ўз-узидан кулди тслбавор.
Оқарарди одамнинг боши —
Бошларига етар эди қор.


9

* * *

Туну куннинг ўртасида қуёш ҳам озодмас,
Вақтнинг сели ўртасида чунг тош ҳам озодмас,
Ёшларингни тўхтатгин, деб илтижо нечун?
Ғаму шодлик ўртасида куз ёш ҳам озодмас.


БАҲОРГИ БОҒ

1

* * *

О!.. Оламдан тукилди гуноҳ!
Оралаган боғларга санми —
Гуллайсанми шунақа, Оллоҳ,
Оллоҳ, шундай кўкарасанми\

Ёмғирларинг бир дунё хитоб!
Олам қайта яралди — янги!
Менинг қайси «оҳ»имга жавоб —
Йиғлайсанми шунақа, тангрим?

Сен — сахийсан, меҳрдир боринг...
Гуллашингу йиғлашинг — ошкор...
Мен — бир тўзғин майсангман, тангрим,
Мен — бир қатра ёшингман, жаббор.


2

* * *

Зирқиради илдизим — тупроқ
Заррасини аранг кўтардим.
Ҳали қорлар бўлмасдан адоқ,
Сабрим етмай, тангрим, кўкардим.
Турфа кўкат ердан қалқиди,
Теварагим тўлди зиёга.
Мен ҳам битта гиёҳ талқини —
Қариндошман ҳамма гиёҳга.
Бепарводир баҳор гуллари:
Хуш лаҳзага ташлаб ихтиёр,
Ёмғирларга тутиб қўлларин —
Очилишди мендай бахтиёр.
Бахтли бўлдим меҳрингдан мен ҳам,
Чақмоқларда ёришди юзим —
Теракларда эрксевар кўклам
Ўрмаларкан кўкларга узун.
Боғларингда тураркан тўлиб,
Бошларимга урилди туман.
Англадим, бу — туманмас, булут,
Англадимки мен ҳам, тоғлардан.
Эриб битди қишнинг мунглари —
Маҳв бўлдингми сен ҳам охир, марг?
Навдаларнинг сўлу ўнглари —
Куртаклари сачраб очди барг.
Ер юмшади она бағридай,
Сочил, Ҳаёт!— давронинг келди.
О, баҳор ҳам олқиш — тангридан —
Кўкаргувчи замонинг келди.
Телбалик қил, барқ ур, яшиллан,
Гулла!— нуру бўйга қоришиб.
Асабларим, қара, яшиндан —
Жисму жоним борар ёришиб.
Кўкка боқдим — кўзим йўлиқди —
Ўтмоқдадир турна галаси.


3

* * *

Еру кўкни кўмдинг зиёга —
Меҳру шафқат кўргаздинг, жаббор.
Ўсаётган ҳар бир гаёҳда
Бандаларга талпинишинг бор.
Мана, менинг чарчоқ бошимга
Телба-телба ёмғиринг қуйди.
Бир уйғониш туйдим лошимда —
Меҳри қаттиқ кўк мени суйди.
Олов отиб кетди кўзимга
Умри қисқа, жунунвор яшин —
Мен кўнглимни кўрдим ўзимда —
Руҳим тортди ногоҳ ям-яшил.
Хаёлимнинг адирларида
Бағрини қон этди қизғалдоқ.
Менинг ғамгин сатрларимда
Қанот қоқди бир қушча сайроқ.
Йўқ, ачинмай қўйдим қадримга —
Мен йўқдирман! Мен — сенинг ноланг!
Жаббор! Бир қуш йиғлар сатримда —
У менингми, ё сенинг ноланг?..
Тизилишди — ўпкам тўлиқди,
"Қур-ей"...— оқди кўзим жоласи.
Келин тонглар салқинларида,
Шабнамларда почаларим ҳўл,
Кезарканман чорбоғларингда —
Тангрим, сездим, ҳали қалбим мўл...
Зирқиради илдизим — тупроқ
Заррасини озод кўтардим.
Бир кўргани рўйингни бу чоқ
Мен кўкардим, тангрим, кўкардим...

4

* * *

Энди менга эмас муносиб
Юрагимни ошкора ёқмоқ.
Ярашади — ақлдан озиб
Кўкрагимга бекинган чақмоқ;
Ё томоша этмоқ — қувониб —
Дилда учган капалакларни;
Ҳам изламоқ ногоҳ уйғониб —
Тушимдаги камалакларни;
Ёки бизни нурга ундаган
Ҳақ айтган чоғ ҳақиқат сўзин —
Бошни шартта қўймоқ кундага
Биродарлар учун ҳам ўзим;
Нафрат отин йўлда қантармоқ —
Адашганга меҳр нурин сочиб
Ва юракни танга қайтармоқ
Ҳужайралар зеҳрини очиб...
Эй, ўзини менга бахш этган
Умр! Тавба кўксимда урён.
Шамолимда соврилиб кетган
Кунларингни қайтарай қачон?
Юлдузларни борар оқизиб,
Бошим узра йўловчи дунё...
Ўтмоқ нега, ахир, гард бўлиб,
Мен, ахир, дард бўлмоқчиман, о!
Хабар бергин, кўнглим, фалакка -
Мен янгича яшай бошладим:
Ёқамгамас, қара, юракка
Сизиб тушар аччиқ ёшларим.


5

* * *

Майли, осмон бошимда хира,
Баҳоримда чилланинг қиши —
Менга муҳим чалкашлик ичра
Уз-узимни англамоқ иши.
Шафқатнинг кенг чорбоғларида
Бар дарахтдай гуллади меҳрим.
Нафратнинг чарс қийноқларидан
Қутилмоқда юракнинг сеҳри.
Руҳнинг сокин гирдибодида
Учар экан таннинг куллари,
Истайманки, дилнинг додига
Садо берсин ҳаёт гуллари.
Мен кўнглимни гул каби уздим!
Тангрим, юбор гулга зор касни...
Тангрим, қандай уйинни буздим -
Ҳеч кимга гул керак эмасми?


6

* * *

Товушини йўқотган эмас,
Юрак ҳамон девона ҳофиз.
Фақат унинг ёнида бссас
Пайдо бўлди доно Кайковус.
Ҳамон тунлар тўлғайди наво,
Қовурғалар — чанқовуз — танда.
Фақат ошиқ дилда уйгонди
Тазарруга бош эккан банда.
Шафқат танни забт этди-олди,
Чоҳдан чиқди ҳамма сўзларим.
Менинг жисмим тамом йўқолди —
Ўткирлашди фақат кўзларим.
Юрак энди авжларни қўйиб,
Паст пардада куйлар шикаста —
Жону жисмим кетару куйиб,
Ёшларимни артаман аста.
Қалбдан тошдай оғир кўчган шеър
Ҳаётдами, ўлимда кўпроқ?
Англамайман, залворлими Ер,
Ё кафтдаги бир ҳовуч тупроқ?
Ушбу шеърни битаркан, армон
Юрагимга такрор буюрди:
— Бемалол уч — узоқдир осмон,
Ер қаттиқдир — бемалол юргин.


7

* * *

Агар дардга тўлсанг, дўстни излама,
Энди сўзлар кетди — сўзни излама,
Шафқат келтиргувчи рўзни излама —
Дардингни телбавор шамолга яшир.

Мақомсан — дилни шўх баёт тушунмас,
Сен — сайдсан, "оҳ"ингни сайёд тушунмас,
Ҳасратни гуллаган ҳаёт. тушунмас —
Кўз ёшинг таъбирин саволга яшир.

Дунё, чайқалмоқда — оғиб турибди,
Дунёга шайтонлар ёқиб турибди,
Қара, ҳақ фалакдан боқиб турибди —
Ростни илдиздаги камолга яшир.

Ҳамдард бўлмоқликка беморлар топгин,
Ватаннинг кўйида зор-зорлар топгин,
Йиқмоққа дарахтмас, деворлар топгин —
Эрк сўзин қафасда беҳолга яшир.

Бу гўзал боғ ичра баҳор денгизи,
Мавжлари — ям-яшил, уфқи — қирмизи,
Баҳор — пайғамбардир, сен ҳам — Термизий —
Бир ҳадис топсанг гар ниҳолга яшир.

Баҳор юрагингга бир ширин сасдир,
Ўзлигин сезмайди — бу дунё мастдир,
Мастлик ҳам бешафқат ҳаётдан баҳсдир —
Ҳаётнинг маъносин заволга яшир.


8

* * *

Оҳ, аён, дарахтлар яшолмас якка —
Гуллаб-очилишган боғларда — тўп-тўп...
О, тангрим, кезаман мен ёлғизликда,
Гуноҳларим кўпдир, гуноҳларим кўп.

Тўп-тўп яшамоқда — сокин камолдир,
Ёлғиз яшамоқда — бепоён тўзим.
Ҳамма дарахтларга битта шамолдир,
Ҳамма шамолларга битта мен ўзим.


ЁЗГИ БОҒ

1

* * *

Салқин узоқ.
Йўл оташ.
Узун...
Забт айлаган оташ ҳавони.
То боқҳача оловли тузум,
То боққача йўллар саҳроли.
О, илонлар ўрмалаган қум,
Саксовуллар букчайган бархан...
Лорсиллаган қуёш бус-бутун,
Ёнғин отар ёнган фалакдан.
Мен йиқилдим юлғинзорларга,
Кулча бўлди кўксимда илон.
Хаёлида боғи борларга
Фақат сабру тоқатми имон?
Танглайимга ёпишган тилим —
Сўз айтолмас — оғзимда қотди.
Аммо боғнинг орзуси дилим
Тубида бир сабо уйғотди.
О, кўксимга тўкилди шабнам,
Қалбда майса сасини сездим.
Гўё жаннат боғингда бу дам
Ҳурлик ичра мастона кездим.
Фаришталар айлади парвоз,
Атрофимдан саҳролар фориғ.
Ёз! Боғини йироқ тутган ёз!—
Саробини тутмади дариғ...


2

* * *

Боғларингнинг деворларн мўл,
Бўйим етмас — девори баланд.
Берк эшикка тақалади йўл —
Ичкари банд — шамол билан банд.

Шохларини дсвордан отди,
Мени ҳатто аяди дарахт.
Аммо йўлга деворинг қотди —
Ичкари банд — салқин билан банд.

Анҳорларим маним қуриди,
Саратонда ёниб кетди бахт.
Ташқарида фақат ғурурим —
Ичкари банд — гуллар билан банд.

Боғларингнинг бўлдим гадоси!
Кулгиларнинг жаранги бебахт,
Унутилган ишқнинг садоси...
Ичкари банд — кулгу билан банд.

Деворлардан ўтади учиб
Капалаклар — қандай толеманд...
Сени бутун боғ билан қучиб
Ичкари банд — мастлик билан банд.

Дарахтларнинг шовуллашлари
Бўғинимни этади банд-банд...
Хаёлимнинг яшил мавжлари —
Ичкари банд — бир сен билан банд.

Ёз! Ижозат сўра Тангридан,
Бир кечага қолайин бутун...
Дил оқмоқда... Бу боғ бағридан
Ариқ бўлиб ўтаман бу тун.


3

* * *

Ариқ бўлдим ёз боғларида,
Танда ювдим қиёқларини.
Ёз ўлтирди қирғоқларимга —
Осилтириб оёқларини.

Ҳаловатлар уфуриб, сипо
Оқдим — қучиб гуллар бўйини.
Вужудимни тулготди ногоҳ
Эрка ёзнинг олма уйини.

Барглар аро тирик тангалар
Сочди қуёш — сочди бежаранг.
Менда оқди қандай олмалар! —
Худди қизнинг кўксидай таранг.

Таниқ севгам! Иссиқ бадан ез!
Қучоғингда оқмоқлик ором —
Ҳар илдизга интилиб мумтоз
Тан булгунча боғ ичра талон.

Ариқ бўлдим ёз боғларида —
Йўнгичқалар аро таралдим.
Дарахтларнинг япроқларида,
Мевасида қайта яралдим.

Мен сенингман, сенингман — тамом!
Талон бўлдим — тамом йўқ буддим.
Бир мевангда қизардим алвон,
Бир баргингда кўкдан кўк бўлдим.

Ёз! Севганим! Жоним — беминнат!
Неъматингга қотиламан мен...
Бир тангага — охир оқибат —
Бозорингда сотиламан мен.


4

ТУН. ДОВУЛ.

Гувиллади чинор тун бўйи,
Чинор оқди тун бўйи, гўё
Шаршарадан кўчгандай қуюн,
Ногоҳ пайдо бўлгандай дарё.

Чироғимдан тушган ёғдуни
Ҳозир мавжлар тарайдигандай.
Деразанинг эсин оғдириб,
Балиқлар жим қарайдигандай.

Гувиллади чинор тун бўйи,
Тун бўйи у чайқалди маст.
Боғда қурди баҳайбат ўйин,
Чопди— ўзин кўтарганча даст.

Фалак жомин беўхшов чертиб,
Чайқаларкан мастликда соҳир,
Шундоқ кирди деворни йиртиб
Ва менга ҳам узатди чоғир.

Ў, иккимиз қурдик соз суҳбат,
Алёр айтдик тонггача шўх-шаън:
— Соғ-саломат бўлинг...
— Минг раҳмат!
— Сиз — телбасиз...
— Сиз эса улкан!

Чинор қайтди тонгда боғига,
Довул битди. Битди тунш эрк.
Илдиз — яна ер қучоғида.
Деворлар — бут. Дарвозалар — берк.


5

* * *

Қайси ошиқ бахтини қучди,
Олма отди ҳайси малика?
Боғда "тўп-тўп"— олмалар тушди —
Сукунатга тўп-тўп ваҳима.

Қоронғуда терак учида
Қайси шамол чопди кўпкари?
Ҳовуз — юлдуз тўла ичида —
Осмонни наҳ қўйди тўнтариб.

Сен йиғладинг термулиб боққа —
Боғда гўзал эди тун беҳад!
Мен елкангга қўлим қўймоққа
На куч топдим, на раҳм-шафқат.

Фақат мен ҳам боғларга боқдим,
Чироқларим кўксимда ўчиб.
Назаримда узоқ-узоқдан
Боққа руҳлар келдилар кўчиб.

Шундай кеча янги дунёга
Шайтон олма уруғин қадар.
У жим боқар Момо Ҳавога,
У ҳам буюк — Худованд қадар...


6

* * *

Ёз ноғора чалди бу оқшом,
Қиз бошига пўта қўндирди.
Шодиёнами? Шодёна — осон!
Тўйхонани рақсга тўлдирди.

Навқиронлик ўйнагин кулиб!—
Дунё тўла ёздир паноҳинг.
Дил чўкмасин — тубандан юлгин!
Руҳин юксат — йўқдир гуноҳинг!

Ҳамма чироқ ёнар ўртаниб,
Хизматингта ҳамма чироқ шай.
Юракларга умид ўрнатиб,
Қадаҳларга қуйилмоқда май...

Карнай-сурнай бахт шўъбасида
Ибтидони этганида қайд —
Келин-куёв — ишқ шуъласида —
Икки мисра ва бир гўзал байт.

Ёз айланар бўм-бўш ҳовлини,
Меҳмонларни қўяр кузатиб —
Ҳар бирига босиб бағрини,
Ҳар бирига қўлин узатиб.

Ёз айланар тўзғин ҳовлини,
Жилмайганча "тўхтайди бир дам...
Бир дарахтга суяб яғринин,
Кўзин юмган ҳорғин бир одам.

Бахти борми, йўқми — билмайди,
Одамлардай тўй қилди, шукур...
Аммо чарчоқ — мангу — тинмайди,
Зирқирайди вужуди қурғур.

Ёз ҳовлида кезар тун бўйи,
Япроқларга қарайди босиқ —
Бу одамнинг ширин ўйини
Шабадалар кетмасин босиб.

Ёз ҳовлида кезар тун бўйи —
Ва ёшини артади вазмин...
Куйган ойнинг ўроғи каби —
Одам юзин кссмоқда — ажин.

Ёз билади — фалак тоқида
Ўз ишини айлаб бажо-тахт,
Парво этмай ёзнинг боғига,
Оқиб борар,
Оқиб борар Вақт...


7

* * *

Оғир феълли меҳнаткаш бола
Ҳормайди йўнғичқа ўриб...
Кўкартирар майсани яна
Тинмас Ҳаёт — абадий чўри.
Ҳовузларнинг лабида қатор —
Қатор толлар — салқин қўшини —
Жонбахш сувга соялар отар —
Балиқларга кетар қўшилиб.
Олисдаги тоғлару даштлар
Карахтликда тош қотган уммон.
Чизилловуқ куйлаб пўст ташлар,
Пўст ташлару бўлади қурбон.
Даштда отлар кишнашар толиб,
Кишан ботиб оёқларига.
(Бола ғамгин боқар майсанинг
Ўроқ теккан қиёқларига).
Қушлар ногоҳ этишар нола
Баргда қирғий кўлкасин кўриб...
Оғир феълли, меҳнаткаш бола
Ҳоримайди йўнғичқа ўриб.
У англамас борлигин завол,
Гўё мангу фурсатлар етган...
Шундай ёзни ташлаб бемалол,
Ўша бола қайларга кетган?


8

* * *

Ёз. Вақтнинг ўтганин билдирмагай ҳеч,
Ез — сахий, қўлида совға-саломи.
Вужудни тўлдириб тиндирмагай ҳеч,
Уч ой эсламагай ҳеч зот заволин.

Ёзда ёш тўкаман ҳаммадан пинҳон,
"Оҳ"имга тўлади "оҳ"сиз оламлар.
Эгам, мана бу — Ер,
Мана бу — Осмон...
Нега фақат ўзин кўрар одамлар?


КУЗГИ БОҒ I

1

* * *

Қуёш кулар. Аммо тун зиёсида
Олис соялардай солланди армон.
Бу тунда — беҳудуд вақт дарёсида
Нохос йиқилдию чўкди саратон.
Бул ишни, билмайман, қай куч ҳал этди?
Тақдирнинг ўзбекка ёлғиз соврини
Қўл ҳам силкитмасдан, видосиз кетди,
Бўғзида қолдириб оташ ҳоврини.
Дунё сахийликка этмагай парво,
Ижро этолмагай видо расмини.
Узлатга топширди яна бир бор, о,
Оташида ёнган ўгай фаслини.
Саратон! Ёнганлар топмагай қадр,
Саратон! Хор эрур кўкси гулханлар...
Сен кетиб борасан юртдан қайгадир,
Оташдан вужуду руҳинг ўртанган.
Кетасан. Осмоннинг кунгурасида
На парча булуту, на бир тутам дуд —
Кечир! Ўчган ўтлар хотирасига
Йиғлашни унутган бу бечора юрт.
Менинг улуғ дўстим! Қуёшлим! Бир боқ!
Сендан олов олган умримнинг шашти
Ғамгин боғлар ичра қолмоқда чарчоқ,
Ҳувиллаб бормоқда кўнглимнинг дашти.
Қўнғироқ қоқаман сенга бу оқшом:
— Учрашайлик, дейман, саратон, қайтгил!
Менинг бу жунжиккан кўнглимга бу он
Ўтлиғ сўзлар билан тасалли айтгил!
Келасан. Қаршингга шошади юрак.
Гарчи ҳануз-ҳануз қадамингда гул,
Сўздан адашаман:— Келдингми, кузак?
Жиддий қўл чўзасан:— Омонмисан, кул?
Бир тола оқ қўнар менинг бошимга,
Шамолда учади севдан бир япроқ...
Биз шундай турамиз дунё қошида —
Кул билан хазоннинг суҳбати узоқ.


2

* * *

Дунёнгда мен қирқ йид яшадим тикка,
Ҳар шарпанг танимни тиғлаб ўтдилар.
Худойим! Бу тун ҳам қоронғуликда
Турналар қайгадир йиғлаб ўтдилар.
Ёлвордим ухламай — тонгни сўрадим,
"Тезроқ кетган", дедим суст қадам тунга.
Фалакка. тонгдаёқ шошиб қарадим —
Худойим!— битта ҳам турна йўқ унда.
Турналар йўлини кўрсатгил, борай,
Дардимни уларга айтайин ошкор.
"Ана йўл"— осмонга этдинг ишора...
Худойим! Бу йўлинг нега бунча тор?


3

* * *

Мана, қирқ йил дардингга тўлдим,
Зерикмадим суҳбатларингдан —
Дунё, ойдай девона бўлдим,
Сенинг чексиз зулматларингда.
Юлдузларни қайнатди осмон
(Бири куйди, бири соврилди) —
Тунларингда қоришдим пинҳон,
Оловингда мен ҳам қоврилдим.
Олиб келдинг яна боғимга,
Тўкдинг кузак ҳасратин нега?
Наҳот, баргнинг митти доғига
Мендан бўлак топилмас эга?
Кузги шаҳар дарахтларига
Қарғаларнинг галаси қўнди,
Ғам етди дил хилватларига.
Ёлғонларнинг шуъласи сўнди.
Анҳор — тоғдан адашиб келган,
Ҳорғинликда чўзилган сайёҳ,
Тиниқлашди бу ғамда бирдан —
У не сирни англади, дунё?
Куз қўйнида сочилиб ётар
Замин — ерда тўзғиган шолча
Унга қонли учқунлар отар
Баргларидан қон томган олча.
Қиров қўнган хору хашакка,
Ариқларнинг тўнглаган лаби...
Куз тўлиқиб кирди юракка
Ҳушдан айри фаришта каби.
О, ҳушимдан айрилдим мен ҳам!—
Вақт вужудни ўтмоқда тешиб...
Наҳот, умр — қирққа кирган ғам,
Наҳот, умр — тобуту бешик?
Дунё, энди тилсимингни оч —
Олиб кетар нени елларинг.
Ваҳ, қандай ҳайф анов яланғоч
Теракларнинг хипча беллари!
Чинорлар жим хаёл суради —
Танларида зилдай "уҳ"лари.
Хазон кечиб боққа киради
Шаҳидларнинг ҳорғин руҳлари.
Хазонрезга дил бўларкан банд,
Вужуд энди телба воладир.
Бу йиғиким, тобора баланд,
Фарғонадан кўчган ноладир.
Ғофилликни юборар ёзиб,
Ғойибданми келган сас:— Уйғон!
Хазонларга кўксини босиб,
Шу бир сўзни битмоқда Чўлпон.
Ким ўкирди, бу кимнинг "оҳ"и,
Қай телбаваш кечди сабридан?
Балки Усмон Носир арвоҳи
Суягини излар қабридан.
Беғамликни куз этди мағлуб,
Икки дунё бу он жонсарак.
Бизга фақат тазарру матлуб,
Бошимизга йиҳилма, фалак!
Руҳни бугун тиндирмас бир дам,
Боққа ҳайдар тақдирнинг қўли.
Кузда бир бор хазонлик топсанг,
Қисқаради ўзликнинг йўли.
Ярашмагай бежуръат итоб,
Занжирларни айлагил унут.
Нега ғуссанг бунча бешитоб,
Эй, етмиш йил хазон терган юрт?
Ғамлар ичра ол эркин нафас,
Фақат ўзлик озод соҳилдир.
Эрк — азобдан кўчган ғазабмас,
Эрк — ғуссадан учган аҳлдир.
Юрагимни тўлдириб тургил,
Куз берган ҳис, бўлмагил талон
Мен дилимни кузакда ҳурдим,
Забт этолмас уни оломон.
Урилади дилга ҳар гардинг,
Дунё, ноланг жонимда тўкин...
Мен оломон топтаган баргнинг,
Ҳасратида ўлишим мумкин.
Қўй, елкамга, туман, суянма,
Намхуш тортди шундоқ ҳам бетим.
Менинг очиқ қолган миямга
Совуқ ёмғир ёғмоқда бетин.
Вужудимда елар юзма-юз
Ҳаёт билан Мамот шамоли.—
Бир ёнимда камолим ҳануз,
Бир ёнимда эса заволим...
Дўстлар, илиқ ёлғон комидан
Ҳайданг — кузга чиқсин қалбингиз.
Ичинг зариф ғусса жомидан,
Титранаркан ногоҳ лабингиз.
Гул деб меҳр қўйдингиз хорга,
Яшадингиз хорликда яшнаб.
Билмадингаз, хушбахт баҳррда
Юрак кетар вужудни ташлаб.
Қувончнинг кўп зулмлари бор —
Дилни сургун айлагай ғафлат.
Ғамни ичинг!
Кетсин ихтиёр,
Танингиздан арисин нафрат.
Вақт оҳанги терану тиғиз —
Инсонни ют, эй, қуюқ баёт!
Хазонликдан қанча қўрқсангиз,
Сиздан шунча жирканар ҳаёт.
Ҳаққа етдим кузнинг ғамида,
Кўзларимдан чекинди рўё.
Бир "оҳ" урсам, "оҳ"им дамига
Йиқилади қон жиға дунё.
Қайрилади ғаюркор тиғлар,
Бузилади ғаним матлаби...

Куз кўксимга юракни михлар —
Юрак — Исо пайғамбар каби.


4

* * *

Биламан, бу куздан бўлмайди ўтиб —
Унинг қайғулари — тентаклик қадар,
Унинг ҳасратлари — юксаклик қадар.
Қалбингга мен қандай бораман етиб,
Ахир, ўртамизда бир фасл кадар.

Ким ёзда қолдию ким қишда ҳолди —
Гапирма. Ўзгармас ҳисмат тартиби.
Ҳаҳ шуким, ўртада тўқсон кун ёнди,
Хазонда ўртанди уч ой таркиби.

Нафасим қайтмоҳда — уфқларни оч,
Паришон дунёни кузак этсин тарк.
Қимтинган лабларга боқиб беилож,
Ёнғин ва муз аро бўлмасимдан ғарқ.

Умримиз ўтмоқда саҳнада каби,
Азоблар — энг қизиқ томошага тенг.
Сендирсан бу кузни яратган наби,
Кузга абадийлик муҳрин босган мен.

Биламан, бу куздан бўлмайди ўтиб —
Унинг ҳасратлари юксаклик қадар,
Унинг қайғулари — тентаклик қадар,
Бизни юборди-ку юксаклик ютиб...
Во ажаб, юксаклик нақадар хатар!

Юр, кетдик. Хазонрез дилни ҳоритди,
Бизни сиғдирмади бу юксак танглик.
Юрагим пастликка етмасдан қотди...
Эвоҳ, бу — пастликмас.
Эвоҳ, теранлик...


5

* * *

Куз келди — ҳар баргаи қонталош этди,
Боғлар боғлар билан қон талош этди.

Қон ўлди олчалар, ўриклар қон ўлди,
Ҳатто шафтолилар хун қарош этди.

Хунрезлик касбида мумтоздир кузак,
Шохидан баргларни тез тарош этди.

Маргнинг шамолида учди япроқлар,
Вақт даҳшат бир сирни бизга фош этди.

Йиғлама, азизим, тоғларга қара —
Замон кўз ёшлардан шундоқ тош этди.

Қон сочди, зар сочди, етди муродга —
Хазоним сўнгида қиш маош этди.


6

* * *

Қўшиқ айтар бўлсам юрагим тўлди,
Йиғлашдан кўр бўлди ойдин кўзларим.
Эски дўстларимнинг ҳаммаси ўлди,
Ҳали туғилган йўқ янги дўстларим.
Кўйлагим ҳилпирар Вақт шамолида,
Икки ёнбошимда тубсизлик - ёвуз.
Чиқаман ёлғизлик истиқболига
Бошларим - ловуллаб, юрагим - совиб.
Увлайман самога бошимни буриб,
Овозим етмагай аммо тангрига.
Кўзи кўр дунёдай довдираб юриб,
Кираман ўзимнинг муздай қаъримга.
Мени аста-аста хазон айлар дард —
Мени юта бошлар торлик, танқислик..
"Йўлим қани?", дейман — кўринади қалб,
"Манзил қайда", дейман — келар ёлғизлик.


КУЗГИ БОҒ II

1

* * *

Қодир эгам бандаларига
Этмоқ бўлди ғуссани тасвир:
Кечди ёзнинг хандаларидан —
Кузни бу тонг айлади асир.
Ғира-шира тонг қучоғида
Ҳайрон боққа ҳайдади кузни.
Жим созида, мунгли созида
Бир айрилиқ дунёсин тузди.
О, айрилиқ! Бепоён ҳижрон!
Ўзинг менда салтанат ўрнат!—
Юрагимдан, қара, бепаймон
Ғамлар борар руҳимга ўрлаб
Тугаб барча саволу сўроқ,
Чарх тангрига соме бу чоғда:
Панжарасиз қолди юрак, боғ—
Тақдир кирди юрагу боққа...


2

* * *

Саратон — очиқ юз,
Бахтисрим кетди.
Қолмади мен билан
Бсқарорим кетди.

Эй, барг, сенинг каби
Мен ҳам сарғайдим,
Вақтнинг қўлларида
Эътиборим кетди.

Гул қани? Ёз бўйи
Мени кутганди —
Оҳ, қайси хазонда
Интизорим кетди?

Ёзу баҳорини
Бериб ҳижронга,
Хазонларни босиб
Ёру зорим кетди.

Руҳим зарду баргу
Дардга қоришди —
Мезон каби учиб
Танда борим кетди.

Гул, ксчир! Ёр, кечир!
Кузга асирман —
Ихтиёрим кетди,
Ихтиёрим кетди...


3

* * *

Бир барг ҳаёт жимгина битди,
Мангу кетди бир мўъжаз наво.
Оллоҳ, мени бунча титратди,
Барг учганда уйғонган ҳаво?

Забт айлади мени хаёлинг,
Ўртамизда қолмади фироқ.
Юрагимда, Оллоҳ, жамолинг —
Барг учганда уйғонган титроқ...


4

* * *

Боғларни ихтиёр этмоқда юрак —
Хазонрез тартибин бузмай, бесадо,
Шовшаган япроққа қўнсайди титраб —
Шабнамдай, ё томчи ёшдай бенаво.
Боғларга қайтгиси келмоқда юрак...
Тақдир — темир дунё синиб кетсайди —
Юрак пинҳон ёшдай оқиб жонсарак,
Кузнинг елкасига сингиб кетсайди.


5

* * *

Меҳрга элтмади ёздаги йўлим:
Шодлик — ўйинқароқ, ғусса — тамизли...
Куз — менинг сен томон узатган қўлим,
Боққа чўз қўлингни... Ярашамизми?
Осмонга қарагин, кенгайиб кетди,
Қанча ғусса бўлса сиғар оламга.
Келгин, ярашайлик... Дард ёмон стди —
Дарднинг зарраси ҳам улкан одамга.
Вужудни тўлдирди бир огриқ — майин,
Ёқамни чок этиб йиғласам ўзим...
О, сени йўқотиб борганим сайин,
Юракка айланиб боряпти сўзим.
Чидаб яшайверсанг, айрилиқ — кўним,
Бир журъат топмасанг ҳижрон толмайди.
Куз менинг сен томон узатган қўлим,
Боққа қўл чўзмасанг, куз ҳам қолмайди.


6

* * *

Кузда яқин келар заминга Оллоҳ...
Кузнинг раҳматидан нечун жудосан?
Сен — менинг юрагим яратган гуноҳ,
Гуноҳим яратган — танҳо худосан.
Оятлар ўқийди кузнинг ҳар рўзи,
Ҳар япроқ бир ҳадис — терсам, майлими?
Ўрикнинг қонталаш баргидан ўзим
Баргдасталар тузиб берсам, майлими?
Кузакнинг рўйига боқиб бу оқшом,
Бир ҳол топмоқ керак яшамоққа мос.
Тобора олисда ҳаётдан ҳижрон,
Тобора кўришмоқ жон бермоққа хос.
Мен туҳмат қилмайман бахту иқболга,
Нимаики кўрдим сен ёлғиз гувоҳ.
Хоҳласанг — қарагин, хоҳласанг — олқа...
Ерга кузда яқин — эшитгай Оллоҳ!


7

* * *

Замин билан осмон — сену менман,
Саҳар билан оқшом — сену менман.
Еру осмон аро бир ишқ бордир —
Ишқдан бунёд ҳижрон — сену менман.

Куздаги икки япроқ — сену менман,
Баргдаги митти фироқ — сену менман.
Жоним, фироқ аро бир севги бор,
Фироқда қолган чироқ — сену менман.

Машриқ билан Мағриб — сену менман,
Мағлуб, яна мағлуб— сену менман.
Жоним, мағлубликда бир умид бор —
Йўлларда сарсон мактуб сену менман.

Олов билан олов — сену менман,
Олов ичида биров — сену менман.
Жоним, олов ичра шаҳидлик бор —
Ёниб қолган ялов — сену менман.

Қуёш билан қуёш — сену менман,
Кўз ёшга томган кўз ёш — сену менман
Ҳар томчи ёшимизда додимиз бор —
Доддан бунёд икки тош — сену менман.


8

* * *

Қаҳратон ўткинчи — тўнмоқ ўткинчи,
Баҳор ўткинчидир — унмоқ ўткинчи.
Ёз ҳам ўткинчидир — тўлмоқ ўткинчи —
Фақат кузак чексиз — сўлмоқ чексиздир.

Қаҳратон ўлдирса — музлик лаҳзадир,
Баҳор телба этса — гуллик лаҳзадир,
Ёз фақат баҳорга қуллик лаҳзадир —
О, сенинг ишқингда ўлмоқ чексиздир.

Мен сенга ҳамиша омонлиғ бердим,
Қийинини олдим — осонлиғ бердим,
Ҳар куни жонимдан қурбоғошғ бердим —
Кўйингда қурбонлиғ бермоқ чексиздир.

Муҳаббат ўтида қалбимиз куйди,
Қўлларимиз куйди, лабимиз куйди,
Икков бир саф эдик — сафимиз куйди,
Олов — бир дақиқа, сўнмоқ — чексиздир.

Кузги боғлар ичра юрагим яйдоқ,
Келгин, боқ! Ҳолимга, келгин, ёрим, боқ...
Ногаҳон новдадан учди бир япроқ —
Бу баргга тупроққа қўнмоқ чексиздир.


КУЗГИ БОҒ III

1

* * *

Оғирлашиб қолди юрагам —
Ёнса, ўзи олар аланга.
Ботинликда кул айлар ғамин,
Ёшсиз йиғлаб боқар оламга.
У учмайди — тош каби оғир,
Тортар — балки теранлик сари.
Унга ёғар энг ёғий ёмғир —
Етти қават осмоннинг қаҳри.
Унда гуллар бўлади хазон,
Тўқнашади Машриқу Мағриб.
Унда имон айтади азон,
Айрилиқдан фарёди чангиб.
О, югуриб яшамоқ қайда!
Йўллар, ахир, кетмади қолиб,
Улар ўша — энг оғир жойда —
Қийнашмоқда ўралиб олиб.
Дунё сўраб йиғлаяпманми?
Оғирлашди, дўстлар, юрагим —
Ҳа, тун тўлган дунё каби бор,
Ҳар томири, қар бир бўлаги.
Оғирликнинг гирдибодида
Бузилди тан мувозанати,
Юрак — вазмин-вазмин отида —
Тамомила забт этди мани.
Мағлуб яна кераксиз хасми?
Мени ташлаб кетмаган, олам.
Тангрим, сенга керак эмасми,
Юрагидан енгилган одам?


2

* * *

Пала-партиш бефаҳм сурон
Кир-чир оёқларин остида —
Поймоллади мсни беомон,
Руҳимни парчалаш қасдида.
Яшарканман ёлғон рўзида
Ўзлигимни аждардай ютдим.
Бошим узра ҳорғин тўзиган
Самоватдан бир нидо кутдим.
Мен чорладим сукунатларни,
Ўзлигимни йиғмоқ-чун бир он —
Танимдаги кукунатларни
Этсин дедим ёлғизлик талон.
Ёлғизликнинг бўш-бўш даштида
Омон қолган юракни очдим.
— Мени ярат!— жонни дастига
Тутдим: — Сочгин! Жонимни сочгин!
Бепоёнлик ичра ўсдим мен.
Беҳудудлик ичра кўкардим.
Ҳувиллаган қаро тунда энг
Қаро ердан танни кўтардим.
Ўзни солди унга сукунат,
Руҳ бахш этди танҳолик унга.
Ва бир нидо негадир титраб,
Булбул каби қўнди бўғзимга.
Нидолангин! Булбул, нидолан!
Азобимда куйлагин эркин...
Кўзни очиб жанг айла, олам,
Кўзгу айла,
Бир нидо бердим.


3

* * *

Менинг тош кўнглимни тарошла,
Ишқ, девона шаклингга солгин!
Жонни ғамга ташла талошга —
Дард риштаси тортмасин салқи.
Олиб кетгин — қолмасин осмон,
Ерни тошми, ё ҳаво айла.
Бу дунёда қолмасин армон —
Кўнглимни бир ҳақ нидо айла.
Ишқ, сендадир энг сўнгги нажот,
Узат, тоза дастингни узат —
Сен йўқ жойда ғарибдир ҳаёт,
Сен йўқ жойда кишандир узлат.
Кел, қирқ йиллик умримни бузиб
Кел, қирқ томчи ёшимни ютай.
Ва умримни бир гулдай узиб,
Бир йўлчининг қўлига тутай...


4

* * *

Бебахтликда бу кузак бахтли!—
Табиат ҳам қисматга кўнар.
Бугун ҳамма-ҳамма дарахтни
Қучиб-қучиб йиғласам бўлар.
Вазминлик бор улар ўйида,
Вақт олдида фидойилик бор.
Хазонрезнинг ғамгин тўйида
Ҳасрат берган худойилик бор.
Дунё бугун сарғайган чорбоғ —
Ёв бўшлиқлар тегарасида —
У ўзидан кетмоқда йироқ,
У чидамнинг чегарасида.
Пайғамбардай турибди босиқ,
Тўпиғини тутиб аланга —
Мен бир баргнинг ҳасратин ёзиб,
Довруғ солсам бўлар оламга.
Ё бир баргни туғдай кўтариб,
Ўтсам бўлар сўнгги дарс учун —
Элга айлаб бир сўзни тарғиб:
"Тушунсанг-чи! Тушунгин! Тушун!"....
Бир барг дардин эшитдим мен ҳам —
Руҳга кўчдим — таним қолмади.
Тилга кирди тилсимли олам —
Менга бир ҳам ғаним қолмади.


5

* * *

Хазонлиғнинг азоби ичра,
Ариқ, сувинг бунча покиза.
Тиниқ руҳинг — дилимга учраб —
Поклик сари сокин оқизар.
Соҳилчангда жунжикиб ғамгин,
Боқарканман сайёҳ баргларга,
Гўё етган бўламан тамкин
Аллақандай гўзал ҳақларга.
Хазон бўлди бу байтулҳазан!—
"Оҳ" урмоқнинг етди фурсати.
Сен боғлардан оқиб ўтасан,
Тубинггача ўзин кўрсатиб.
Изғиринлар келди тўлғониб,
Мавжларида япроқлар қалқир.
Карахтликдан ҳозир уйғониб,
Сенинг билан кетаман балки...
Видоларга тўлган ғариб кун,
Сени оқин фаришта этди.
Мен ҳам тиниқ бўлишим мумкин
Хазон фасли менга ҳам етди.
Кузга чиқдим ўзин ёқмоққа —
Ён гуноҳнинг барча-барчаси!
Дил, тавба қил!
Ана, оқмоқда
Аллоҳимнинг тиниқ парчаси...


6

* * *

Бойсўнга ҳам кузак келгандир.
Тоглар бу кун уснигдан тухтаб,
Силкинмасдан йиғлаётгандир —
Селда кетган бир тошни йўқлаб.
Уфқларга қараб бесабр,
Тойлигини туш курган отлар —
Туйқус-туйқус кишнаетгандир
Бияларнинг тушини ёдлаб.
Сарқамишми, Даштиғозларда,
Кўзларида мунглари кабир,
Ол куйлакли аёллар шомда
Ўтовларни бузаётгандир.
Арчага ҳам етгандир кузак —
Баршн пинҳон тўкаёттандир.
Ҳатто тошлар нимадир излаб,
Ўзларига чўкаётганднр.
Сукунатлар жим чалгандир най,
Диллар дардга тўлаётгандир.
Хабарини ҳеч ошга айтмай,
Оллоҳ қайтиб келаётгандир.
Бўшат, қисмат, бушатгин дастни!
Умр келди қирқни қоралаб.
Бойсун томон кетсам бўлмасми,
Ўткиргунча хазон оралаб?
Тан — жонимда,
Жон — танимда йўқ...
О, соғинчга тулдим мен буича!
Йўқ, Бойсунни соғинганим йўқ,
Тангрим, сени танигунимча.


7

* * *

Хаёлланиб солади разм —
Қиш Туркистон дарвозасида.
Кеч. Қарғалар қуради базм
Япроқларнинг жанозасида.
Кўп соғиндим, келгин, дўстгинам,
Умр, ахир, бир, тошқин забтдир.
Бугун жоним япроқлар билан
У дунёга кетишга тахтдир.
Талх шаробдан лиммо-лим тўлдир.
Ҳар тарафга оқсин бошимиз.
Бир лаҳзага ғашликни ўлдир.
Бир лаҳзага тинсин ёшимиз.
Ўтди. Ўтди беармон кунлар!—
Хотиралар кули — юракда.
Биз тушнуксиз, бешафқат мунглар
Ичра қолдик яккаю якка,
Кўрмаяпсан — тун ичра туман,
Кузда баттар туманли ҳолман,
Сўнгги они гуллаш истаган
Телба хоҳиш дарахт мисолман.
Озод ичдим умр жомидан,
Ёрилгунча бўзлади юрак.
Боражакман тангри ёнига
Фақат яна азоблар сўраб.
Фаришталар боққуси хуррам,
Тангри раҳмат сўзларин айтар.
Мен-чи, тинмай йиғлайман пурғам:
"Қайтар, менга дўстимни қайтар!"
Самоватда шамол тинади,
Хаёлга жим толади Раҳмон...
У Худодир —
Ахир, билади:
Кетган дўстлар қайтмас ҳеч қачон.


8

* * *

Навқирон куз салтанатида
Бир таваккал фитнадир бу он.
Куз титранди ногоҳ тахтида —
О, Ер — Кўкда оппоқ ғалаён.
Бир кунлик қор ёғишларида:
На афсус бор, на зарра кадар.
Турфа ранг боғ оғушларида
Оппоқ, заррин, қизил — қон қадар.
Эҳтиёткор қишдан бўлиниб,
От чоптириб келган телба қор —
Хазонларда кутар ўлиминг,
Бил, бу илиқ кечалар ағёр.
Аммо бордир қандай жасорат,
Сенинг эрка ўйинларингда.
Қоларманми жисмингни асраб,
Ўлсам муздай қўйинларингда.
Фаслларнинг сарҳадин узиб,
Оқ учқунлар отган фариштам,
Кузнинг оғир тартибин бузиб,
Боғларимга жим қўндинг тушдан.
Хазонрезнинг ёнғинларида
Сочдинг оппоқ учқунларингни.
Турфа олов ёлқинларидан
Топдим яна хуш кунларимни.
Нақадар оз омонлик они!..
Пойларимда ғариб ётма, бас
Сен шу қадар гўзалсан, жоним,
Сени ҳатто Оллоҳ асролмас.


9

* * *

Тийрамоҳнинг хазонрезида
Руҳим пинҳон топаркан воя,
Англайманки, таним эзилган
Дунёлардан тўзғиган соя.
Шамол каби аллақайлардан
Кўкрагимга урилар сурур.
Аён бўлар, жоним енгилган
Эзгу дунё азоби эрур.
Куз Дўрмонда боғни ёқади.
Япроқларни бетартиб тўшаб,
Дунё менга ғамгин боқади —
Бандаси йўқ тангрига ўхшаб.
Ҳувиллаган Ер-Осмон аро
Дорбоз каби бораман қалқиб,
Бир сатр шеър бўлади пайдо —
Мустабид Вақт қукмидан чалғиб.
Боқиб осмон мовийлигига
"Тангрим" дейман,
Чекаман фиғон:
Бутун олам кирар шу сўзга,
Шу бир сўзда бўлади ниҳон.


10

* * *

Эриб битар қанча қор,
Неча ёмғир ёғади.
Неча-неча гулларни
Қовжиратар саратон.
Менинг ойдай умрим қам
Қаро ерга ботади.
Мени ташлаб, қайгадир
Ҳовлиқиб жўнар жаҳон.
У билмас — қар нафаси
Қабримда берар садо,
Ҳар босган қадамидан
Зирқирайди мозорим.
Сезгум: уни ким сотар,
Кимлар унинг-чун фидо —
Ҳар шарпадан ингранар
Жонсарак руҳим тори.
Жаҳонгирлар шуҳрати
Шамолларда соврилар,
Не абадий замонлар
Лақадларга кўчади.
Фақат қуёш фалагида
Ўз ўтида қоврилар,
Мингта юлдуз туғилади,
Битта юлдуз ўчади.
Дунё шовқинларини
Мен жимгина тинглайман
(Марҳумга ёруғ дунё
Ташвишлари эмас эп),
Кўзим тупроққа тўлиб
Кўз ёшларсиз йиғлайман:
"Бу дунёга бирор ким
Устун бўлолмади", деб.


11

* * *

СЎНГГИ СЎЗ

Эшқобил ШУКУР шеърига

Ҳаётдан ҳеч қачон қилмаймиз гина,
Савол берсак ҳамки, кажрафтор жимдир.
Укажон, аслида ўлим-ку НИМА,
Аммо бевақт ўлим ҳамиша КИМДИР.


ХОТИМА

1

* * *

Боғим кетди — қолган кўнглим ёбони,
Олдида қум, ортидадир довони,
Келаётган ўзгаларнинг даврони —
Тўхта-я, тўхтагин, умрим карвони.

Ғам селини тун-кун кечиб ўтдинг сен,
Кишанларни узиб, ечиб ўтдинг сен,
Кўз ёшларни ичиб-ичиб ўтдинг сен —
Тўхта-я, тўхтагин, умрим карвони.

Орзулар ўтларда ёниб кетдилар,
Шамоллар кулларни олиб кетдилар —
Ҳатто куллари ҳам ғолиб кетдилар —
Тўхта-я, тўхтагин, умрим карвони.

Кетган — офтоб, қолган — митти чироқдир,
Чироқни пуфлаган мастон фироқдир,
Осмонга қарадим — осмон фироқдир —
Тўхта-я, тўхтагин, умрим карвони.

Вақт шоҳ бўлса, Оллоҳнинг йўқ қўмаги,
Тебраниб-тебраниб толди юрагим,
Ҳар босганинг — жонимнинг бир бўлаги —
Тўхта-я, тўхтагин, умрим карвони.

Бир ўжар, довулда учиб қоляпман,
Туянгдан сирғаниб тушиб қоляпман.
Йўлингда қумларни қучиб қоляпман,—
Тўхта-я, тўхтагин, умрим карвони.

Жонимни бунча тез фидолар қилдим,
Гарчи эшитмайсан — дуолар қилдим,
Ортингдан эмраниб садолар қилдим:
— Тўхта-я, тўхтагин, умрим карвони.

О, бекор шаън ўйлар суриб боряпсан,
Билмайсан, қайларга юриб боряпсан,
Боряпсан — тупроққа кириб боряпсан —
Тўхта-я, тўҳтагин, умрим карвони.


2

* * *

Дунё рўйи бунчалар азиз —
Термулдимми — йиғи томоқда.
Тирикликда висол йўқ қаргиз,
Келгандайман видо айтмоққа.
Кўнгил чексиз дардларга тўлар —
Бору йўғим Вақтнинг кўйида.;
Ў, осилиб йиғласам бўлар
Теракларнинг узун бўйига.
Азоблардан этмагай халос,
Юрак қўймас бекор ёқишин.
Нега менга бўлмади мерос
Турналарнинг қанот қоқиши?
Қулфдир Вақтнинг темир сарҳади,
Кетганича йўли тикандир.
Турнанинг ҳам сиғмагай ҳадди,
Шамолнинг ҳам йўли шикандир.
Ваҳ, айлана бошлади тезкор
Бошим узра фалакнинг чархи:
Кўзни очиб юмганчалик бор —
Аниқ — инсон умрининг нархи.
Дилга кўрсат юзингни, дунё,
Қайта-қайта ўртасин танни.
Кўзларимни, мана, юмдим, о...
Очмоқликка улгураманми?


3

* * *

Уриндим — асроринг еча олмадим,—
Ҳар битта жилвангда минг сирли тугун.
Фақат, тангрим, кечир, бандаларингдан
Эрку Озодликни кутганим учун.
Қичқирдим — бўғзимда қотдилар унлар,
Кўз ёшларим оқди сув каби бетаъм.
Ахир, тангрим, кечир, қоронғу тунлар
Бўзлаб, йўл сўрадим бандаларингдан.
Сенинг осмонингга етмади бўйим,
Ердан паст кўкларни айладим тавоф.
Фақат, тангрим, кечир, бандаларингдан
Мангу саволларга изладим жавоб.
Раво айламайсан менга меҳрингни,
Ҳатто кўргазмайсан ғазабу зуғум.
Тангрим, фақат кечир, бандаларингга
Бир қатра Озодлик бермаганим-чун.
Қон ютган кўримлар учун кечиргин,
Бемаҳал ўлимлар учун кечиргин.
Кўзимнинг ёшлиги учун кечиргин.
Дунёнинг тошлиги учун кечиргин.
Кечиргин — кўйингда адашганимни,
Кечиргин — кўйингда тинмаганим-чун,
Кечиргин — эрк учун талошганимни
Ва эрк сенлигингни билмаганим-чун.


ТУРМУШ СУРАТЛАРИ

1

Йигит пахса урмоқда.
Аёл белкуракда лой узатар.
— Тоҳир,— дедим.
Йигит қайрилмади.
— Зуҳра,— дедим.
Эшитмади аёл.
— Севгингиз ҳақида сўзлаб беринг,— дедим.
Узоқ ўйга толдилар...
— Ҳеч нарса эсимизга тушмади,—
Ғамгин жилмайдилар, ниҳоят.

2

Қабристонда митти қабрлар.
Митти марҳумлар ётар уларда.
Уларни катталар ўлдирганлар.
Гўдакларни алдаганлар —
Ширин-шарбат меваларга
Заҳру ҳуққум қўшиб...

Қабристонда митти қабрлар.
Митти марҳумлар ётар уларда.
Катталар қўрқмайдилар —
Чунки митти қабрларда
Фақат митти суякчалар ётар...
Митти жигарларни эса,
Еб битирган оч-офат қуртлар.

3

— Мустақиллик кёракмасми сенга?—
Сўрадим ёзда ҳам бўйинбоғ боғлаган одамдан.
— Айтишса, —
осмонга ишора қилди у,—
мустақил ҳам бўлаверамиз.
— Қул бўлгин, деб айтишса-чи?—
қизишдим мен.
— Қул бўл деб айтишмайди,—
пўнғиллади у.
Тўғри айтасан,
— қачон қул бўл, деб айтишган,
саратонда бўйинбоққа қул бўлган, биродар?

4

— Аввал пулни беринг,—
деди Фалончиой.
Фалончибой пул узатди қўли қалтираб...
..........................................................................
....................Сўнг диванга ҳорғин чўкиб,
хаёл сурди Фалончибой:
"Кичкинамга телпак оламан,
Ўртанчамга ботинка,
Аммо каттасига палто олишга
Пули қургур етмайди энди..."
..........................................................................
..........................Ғижимланган ўринни тузатаркан,
хаёл сурди Фалончиой:
"Кичкинамга телпак оламан,
Ўртанчамга ботинка,
Аммо каттамга палто олишга
Пули қурғур яна етмайди..."

Мутаносиблик қонуни,
Шу ерда ҳам бормисан, аблаҳ?

5

Дўконлар қуп-қуруқ.
Пештахталар таги — осмон.
Мастуранинг қўли калта —
Осмонга етмайди...
Мастурадан бошқа ҳамма нарсани
Осмонга чиқардинг,
Етмиш икки йил.
Юлдузлар ўрнида, масалан, ботинка
(болаларники),
Ой нурлари эса — ёмғирпўш
(катталар учун),
Қуёш — қони сизган гўшт бўла қолсин
(бу албатта, бутун оилага)...
Аммо Мастуранинг қўли калта —
Осмонга етмайди.
Болаларига етади фақат...
Болаларнинг бечора думбалари...

6

— Ароқ ичамиз.
Қўрқманг, яхши болалар туғиладилар.
Кар бўлса болалар, ёмонми?
Кўр бўлса болалар, ёмонми?
Ақлсиз бўлсалар, ёмонми?—
қичқиради тўсатдан Шомирза алкаш.
Сўнгра ариқ ичида
Бефаҳмлар устидан кулиб,
ухлаб қолди у.

7

— Алпомиш бўлса эди,—
гапириниб қолдим мен.
— Бизнинг азобларга чидай олмасдан,
ўлиб кетар эди бечора Алпомиш,
мийиғида кулди яктаги ямоқ чол
— Сен ўлмаганмисан?—
деди кампири унга.
Ўзига ҳайрон қаради
Яктаги ямоқ чол.

8

Бир хонада ўн бола ухлар.
Кир ёстиқда тентирайди бит.
Катагида бир ўзи ётар —
Маза қилиб мизғир қари ит.

Ҳатто Оллоҳ фалакдан айтар:
— Уйғон, инсон!— барига тупур!
Фалакка-чи, бир садо қайтар:
— Шукур!
— Шукур!
Борига шукур...

Ўт ичидан ҳайқирар:— Ўлдим!—
Ойдай келин этади нидо.
— Ношукур бўл!
— Ношукур бўлгин...
Самоватда йиғлайди Худо.

9

Икки толга боғланган беланчаклар тебранар.
Қуёш ёндиряпти.
Тўрт томон пахта.
Бахтигул — синфдошим — кетмонни қўйиб,
мен билан суҳбатлашгани йўл четига чиқар...
— Эркиним бешикда ўлди,— дейди,
— Тўлқиним тўшимда ўлди,— дейди,
— Қўрқмасим бешикда ўлди,— дейди,
— Ўлмасим эшикда ўлди,— дейди...
— Фақат Ёдгорим қолди,—
ишора қилди у икки тол тарафга.
Икки толга беланчак боғланган.
Қиздираяпти.
Тўрт томон пахта.
Ёдгор!
Нимадан ёдгорлигингни унутма, Ёдгор...

10

— Хато қилибмиз.
Бу одам дўзахий экан.
Йиқитинглар жаннатдаги ҳамма ҳайкалларини,
қарсаклар!
— Хато қилибмиз,
Бу одам жаннати экан.
Йиқилган ҳамма ҳайкалларини қайта тикланглар,
қарсаклар!
Бу ишларинг бекор —
Аросатда юраверсин эди бу одам.

11

— Пастлашиб кетяпти болаларнинг бўйи.
Яқинда пакана халққа айланамиз...
— Ерга яқин бўламиз,—
пинагини бузмади
осмонга яқин ўтирган зотлар.
— Осмон биздан узоқлашади,—
қўрқа-писа шивирлади кимдир...
Уни узоқлашаётган осмонгина эшитди, холос.

12

— Ҳайкал,— дедим,—
сен кўрсатган томонга бориб келдим.
Ҳеч нарса йўқ.
Қўлингни туширавер энди.
Қўлини туширишдан уялиб,
жим тураверди ҳайкал...


УЧ ДРАМАТИК БАЛЛАДА

1

* * *

Қоражон

Умр магар шамол эрур —
Ўтиб кетар, ўтар-о,
"Ҳуй" дсгунча манзилига
Етиб қолар давроним.
Элбек бахши, мен учун ҳам
Товушингни кўтар-о —
Ёлғончида қоладими
Менинг ҳам ном-нишоним?

Элбек бахши

Бандаликда чоҳга тушсанг,
Чиқолмайсан, Қоражон —
Чунки сенинг пешонангда
Бойчибордай отинг йўқ.
Бсклигингда оқ ўтовни
Тиколмассан, Қоражон —
Чунки сенинг тақдирингда
Барчинойдай хотин йўқ.
Лашкар тортиб, св устига
Юролмайсан, Қоражон —
Чукки сенга қисмат душман —
Омад йўқдир, бурдинг йўқ.
Бошингда тож — шоҳлик гаштин
Суролмайсан, Қоражон —
Чунки сенинг мададкоринг —
Қўнғиротдай юртинг йўқ.
"Дўстим" дейсан, "оҳ" урасан —
Тўлғонасан, Қоражон,
О, дўстликда сенинг каби
Моҳир йўқдир, соҳир йўқ.
Йўқлик ичра бир кун ночор
Уйғонасан, Қоражон —
Чунки сенинг элатингда —
Мендай улуғ шоир йўқ.


2

* * *

Муаллиф

Ўсдинг, одам, боғларингдан ўсдинг
Шонинг ўсиб достонга етди.
Ўсдинг, одам, тоғлардан ўсдинг —
Бошинг ўсиб осмонга етди.
Мақтовларга беравер бардош —
Одам, нега ғамгин юрибсан?
Кимдир сени атади "қуёш"—
Сен кўз ёшсиз йиғлаб турибсан?

Улкан одам

Кеча-кундуз жим ёлвораман,
Мадад бер, деб оёқларимга.
Ахир, мен ҳам ўсиб толаман —
Ем бўлиб ел тирноқларига.
Йиқитмагин, қодир худойим!—
Вужудимга тўлган зил само.
Бўлади-ку қиёмат қойим,
Юрт устига тушсам шу асно.
Гарчи боқди менга бу дунё,
Суҳбат қуриб юддузлар билан —
Юрт устига тушсам шу асно,
Кўтаришга куч топармикан?


3

* * *

Малика

Кўнглим сенда, сейдадир фақат,
Аммо кечгин мендан, ботирим.
Ор деганда — душман бешафқат —
Пичоқ қайрар қирқ минг шотири.

Оқботир

Қирқ минг ёвнинг ёнидан туриб,
Суйдим, дединг — шу басдир менга.
Бир тиғ урсам — ўтади юлиб —
Қирқ минг шотир қирқ хасдир менга.

Малика

Кўнглим сенда, сендадир... Гарчи
Хавотирим мўлдир, полвоним.
Занжир ясар қирқ минг темирчи —
Кет, занжирбанд бўлмасдан, жоним.

Оқботир

Кўнглинг менда — ёвнинг ўлгани!
Насиб!—умидлари бузилгай...
Бир "оҳ" урсам шердай тўлғониб —
Занжирлари ипдай узилгай.

Малика

Кўнглим сенда, кўнглим сендадир,
Аммо мендан кечгин, ботирим.
Қирқ газли дор солланар оғир,—
Гўё севгимизнинг хотири...

Оқботир

Сен ёнимда: қўрқувлар — туман,
Туманларда қуёшим порлар.
Ев дастида тутгуси суман,
Кунпаякун бўлгуси дорлар.

Малика

Сенда, сенда, сендадир юрак,
Аммо дилни тарк этмас хавос:
Ботирим, айт, қанақа кўмак
Евларингдан айлайди халос?

Оқботир

Сеҳргардир қодир муҳаббат!—
Адоватлар топгуси абас.
Сўрамайман сендай марҳамат...
Фақат кўнглинг менда бўлса бас.


ГЎРЎҒЛИ

Бу осмон — зил-замбил. Жуда зил-замбил.
Ер кечиб боряпман тиззамга қадар.
Қирқ кунлик йўл эрур мақсадим — Чамбил,
Боги Эрамгача қирқ кунлик кадар.

Бу осмон — зил-замбил. Жуда зил. Жуда.
О, яна бўйимга осилган қаёт.
Юнус Мисқол пари ширин уйқуда,
Табланинг эшигин очолмас Ғирот.

Бу осмон — зил-замбил — елкамда турар —
Айтайин кўрсатган қайси доғини:
Сарқамиш чўлида хаёллар сурар,
Ярми ерга ботиб Асқар тоғининг.

Бу осмон — зил-замбил. Бу осмон — нодон.
Йўлларга кўмилар бекорга кўзим —
Қайтиб Ваянганга кетган Ҳасанхон,
Во дариғ, ўлгандир Авазим — қўзим.

Бу осмон — зил-замбил. Жуда замбил. Зил.
Ўмганим майишиб йўлларга ботди.
Қирқ йигит қирқ қилич солди беқазил,
Қирқ йигит бошимни қирқ ёвга сотди.

Бу осмон — зил-замбил. Зилдир бу осмон.
Бошимда чарх урар қирқ чилтон гангиб —
Содиқ пирлик қилган, бузруквор ёрон,
Мен ерга кир цим-ку — чиқмасдан чангим.

Гўрўғлидан айтгин! Ҳар бир сўзинг ўнг.
Шоир, мен — вужудман. Сен — тирик юрак.
Мендан уялмагин. Мен киргандан сўнг
Зах ернинг ости ҳам — осмондан юксак.


ГЎРЎҒЛИ ВА АЛПОМИШ

Фақат хавфу хатар шикорда —
Ғанимларнинг жодуси ёмон.
Шикор чиқсам, мушкулот корга
Бошлаб қрлар телба бир достон.

Жонҳолатда ўтар қичқириб,
Калхат соя ташлаган оққув...
Отнинг бошин юборар буриб,
Ичимдаги ногоҳ титранув.

Ё, довдираб девлар келишар —
Айланишар — кетишмас нари,
Яна ғавғо қилар сурбетлар...
От соламан Кўйи Қоф сари.

Ё йиғлайди сочини ёйиб,
"Воҳ, болам" деб ёқа чок мастон.
Чамбил қолар яна беҳисоб,
Яна жангда туғилар достон.

Ухла, ухла мажнун саргузашт!
Ухла, эртак! Тин олгин, бахши!
Шамолимдан пирпирама дашт,
Қилич, қинда турганинг яхши!

Дўстлар, келди уйғонмоқ фасли —
Юминг!— ўзни кўрсин кўзингиз.
Боғи Эрам сиздирсиз асли,
Кўйи Қоф ҳам худди ўзингиз.

Сайёҳликни мен ҳам этдим рад
Ва шундай аҳд бўлди барқарор:
Элни ташлаб кетмаслиги шарт
Эл суянчи Гўрўғли номдор!

Боқиб юртнинг ночор юзига,
Овоз бердим Алпомишга ҳам:
"Мадад берсин Оллоҳ ўзингга,
Чоҳдан чиқиб юртга қайт,(болам.

Бир зўр берган — чекинар тақдир,
"Худо" дегин — пирларинг кўпдир..
Гўрўғлисиз эл бўлмас, ахир,
Алпомишсиз мамлакат йўқдир".


ЭРК ҲАҚИДА ШЕЪРЛАР

1

* * *

Бандадан кутмагин эрк,
Кўнгилга туш, кўнгилга —
Кўнгилга ўзингни эк,
Ўзингни айлагин берк —
Дил ичида кўм гулга.

Эрк истама дунёдан,
Эркни ўзингдан сўра.
Ғаминг бўлса зиёда,
Ёлвормагин зиёга —
Йўлга жонингни ўра.

Эрк — манзилмас. Эрк — йўлдир
Юру кутгин, юру кут...
Кимнингдир йўли ўнгдир,
Кимнингдир йўли сўлдир —
Ғашланма дилни кўндир
Ва ўзингни маҳкам тут.

Тангрининг равиши мўл,
У ҳамиша холисдир.
Беэркка сен ғамхўр бўл —
Унинг йўли олисдир.


2

* * *

Қўлларимни қийди занжир. Эзғилади бошимни —
Тоғдай қуллик ерга эгди — бўйнимдан торта-торта.
Мен ҳақ билдим бу дунёнинг катта-кичик тошини,
Мен тошларга юзим тутдим ёшимни арта-арта.

Бўғизларим ачишди. Ҳа, ўпкаларим ачишди.
Ўпкам тўлди одамларнинг "оҳ"лари тўла тунга.
"Ҳаво", дедим — томоғимга қаро ҳурум ёпишди,
Неча йилки, мен ҳавосиз яшаяпман — бутунлай.

Совуқ қотдим. Изғиринда чирсиллади сўнгагим,
Томирларим — аёзларда музлаган қиёқ ҳануз.
Олов сўраб, гулханларни бўзлаб кезди юрагим,
Ёнғинлардан ёниб чиқиб, қучоқлади мени муз.

Мен — сувсадим. Мен — қақрадим. Мен — хас бўлдим. Қуридим.
Ҳар баргиму, ҳар навдамни тарк этди барча ҳаёт.
"Нажот" борми?— Мен тангрига савол бериб уриндим,
Ва ёлвордим: — Вужудимда қолмади зарра сабот.

О, Шеърият! О, Озодлик! Сен ҳам қулликсан асли!
Соҳили йўқ денгизингда не мақсадни кўзлайман.
Ишонаман, ҳамма учун келади ҳурлик фасли,
Ҳурликдан ҳам ҳурлик сўраб фақат мен-да бўзлайман.


3

ҲАМЛЕТ

Ҳали Саҳна орқасидаман.
Саҳна — тез, Ер айланар огир.
Бесабр ўч қоришган туман
Юрагимга кирмоқда оғиб.

Ўйин эмас — фано тошидан
Арвоҳ чиқди — бошланди тақдир.
Офелия, кўзинг ёшидан
Нега руҳу юрагим тахир?

Ҳали Саҳна орқасидаман
Саҳнагача неча йиллик йўл?
Еру Саҳна аро ёсуман
Оғулаган Ҳаёт тотар чўл!

Турфа тезлик қарамоғида
Айланади Саҳна ва Ҳаёт —
Сен дунёнинг жунун боғида,
Мен қасоснинг йўлида барбод.

Турфа тезлик оралиғида
Қон ичида ўсар Санъат — Шеър,
Қачон, қачон, қачон дунёда
Мос айланар Саҳна билан Ер.


4

* * *

Кенг дунёнинг торлигин ҳам билдим.
Куйласанг, ҳақ ёрлигин ҳам билдим...
Қафасда куйлаш борлигин билгандим —
Куйлашда қафас борлигин ҳам билдим.


5

* * *

Бир нафасим — баҳор, биттаси куздир,
Бир манзилим тоғдир, биттаси туздир,
Бир онам оловдир, бир онам муздир,
Тошларнинг ичида сойдай сарсонман.

Бир қадамим — умид, биттаси — армон,
Бир ёвим макондир, бир ёним — замон,
Бир йўлим заминдир, бир йўлим — осмон,
Осмоннинг ичида ойдай сарсонман.

Бир йилим йўқ эрур, бир йилим — ҳамроҳ,
Бир куним ғарибдир, бир куним — паноҳ,
Бир лаҳза тавбадир, бир лаҳзам — гуноҳ,
Дардларнинг ичида "вой"дай сарсонман.

Бир дўстим — тўғрилик, бир дўстим — сабр,
Бир синглим ишончдир, бир укам — қадр.
Бир душман қўрқувдир, бир душман — қаҳр,
Ўқ отиб титранган ёйдай сарсонман.

Ҳамма ўйим оқдир, бор бахтим — қаро,
Фақат ишқим покдир, фақат дил — гадо.
Ё Оллоқ! Ишқингнинг умиди аро,
Оёққа илашган лойдай сарсонман.


6

* * *

Илтижо этаман — қуш қилиб ярат,
Тангрим, учмоқликка қанот бер, қанот.
Кўнглимга, кўзимга бепарво қараб,
Мени ер қаърига тортмоқда қаёт.
Шаффоф шиддатини дунёга ёйиб,
Шамолли йўлларим узлатга кетди.
Ботиб бораяпман ерга...
Худойим! -
Ҳаётнинг қуйқаси бўйнимга етди.
Ерга ботаяпман... Бу тавқе лаънат —
Кенг дунё дегани шунча тормикан?
Тангрим!
Ёлвораман —
Қуш қилиб ярат...
Ерга қўнмайдиган қушлар бормикан?

7

* * *

Лаҳзага жойладим милён йилларни —
Юрагамга кирди қўрқинч ваҳима:
Тоғлар осмонотар тўлқинлар каби
Югуриб боришар чексиз соҳилга.

Лаҳзани миллиард йилларга чўздим —
Қалбимни қамради карахтлик, ҳайрат:
Тоғлар тизмаСидай қотдилар тўзгин —
Ҳориган тўлқинлар қолдилар яйраб.

Шундай ўйин топдим эрмакка бу дам,
Жонимдан ўтказди хаёт мароми:
Нетай, тоғлар мустар тургани-турган,
Нетай, денгизларнинг йўқдир ороми.


* * *

Ўлгин дедииг — ерга кўмдинг —
Илдиз бўлдим.
Кўкка отдинг — йўқ бўл дединг —
Юлдуз бўлдим.
Тилим кесдинг — дилим айтди —
Рост калима...
Қийин бўлди сенга шўрлик
Душманим-а!
Душманим-а, тошлар отиб
Тўймайдирсан—
Тупроқ бўлай десам, нега
Қўймайдирсан?...

Qayd etilgan