Muallif Mavzu: Maqomoti Yusuf Hamadoniy  ( 17269 marta o'qilgan)

0 Foydalanuvchilar va 1 Mehmon ushbu mavzuni kuzatishmoqda.

AbdulAziz

  • Forum Administratori
  • Mega Member
  • *******
  • Rahmat
  • -aytdi: 6942
  • -oldi: 12023
  • Xabarlar: 20359
  • Jins: Erkak
  • Sevelim, sevilelim. Yunus Emre
    • Ziyo Uz
Maqomoti Yusuf Hamadoniy
« : 22 Aprel 2010, 08:19:19 »
Maqomoti Yusuf Hamadoniy



Muallif: Xoja Abdulxoliq G'ijduvoniy
Hajmi: 475 Kb
Fayl tipi: pdf, zip
Saqlab olish
Online o'qish
Ilm o'rganish - Allohdan qo'rqish, uni talab qilish - ibodat, izlash - jihod, bilmaganga o'rgatish - sadaqa, uni o'z ahliga o'rgatish - Allohga qurbatdir. Ilm - tanholikda hamroh, hilvatda - do'st, to'g'ri yo'l ko'rsatuvchi - dalil, begonlar oldida - eng sodiq do'st, Jannat yo'lining minorasidir.
Hazrati Umar ibn Hattob r.a.

Ansora

  • Mega Member
  • *******
  • Rahmat
  • -aytdi: 12698
  • -oldi: 12894
  • Xabarlar: 19275
  • Jins: Ayol
Re: Maqomoti Yusuf Hamadoniy
« Javob #1 : 23 Aprel 2010, 11:44:22 »
ЎЗБЕКИСТОН  РЕСПУБЛИКАСИ  ФАНЛАР АКАДЕМИЯСИ
АЛИШЕР НАВОИЙ НОМИДАГИ ТИЛ ВА АДАБИЁТ ИНСТИТУТИ
«ОЛТИН  МЕРОС» ХАЛҚАРО ХАЙРИЯ ЖАМҒАРМАСИ



ХОЖА АБДУЛХОЛИҚ  ҒИЖДУВОНИЙ

МАҚОМОТИ ЮСУФ
ҲАМАДОНИЙ


Тошкент
«Янги аср авлоди»
2003



Мусулмон Шарқида машҳур тариқат пири, хожагон-нақшбандия силсиласининг асосчиси Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний таваллудининг 900 йиллигига бағишлаб чоп этилаётган ушбу мўъжаз рисола Марказий Осиё халқлари маънавий ҳаётида ёрқин из қолдирган хожагон тариқати буюк намояндаларининг ҳаёти, фаолияти, фикр-қарашлари, кашфу кароматлари ва ижод намуналари билан мухтасар тарзда таништиришни кўзда тутади. Бирламчи манбаларга таяниб ёзилган, ишончли ва янги маълумотларга бой, тасаввуфнинг кўплаб назарий ва амалий масалаларини ойдинлаштиришга ёрдам берадиган, Аллоҳ, олам, ҳаёт ва инсон камолоти билан боғлиқ ибратли ривоят-ҳикоятлар, валий зотларнинг теран фалсафий фикрлари ва бебаҳо ҳикматли сўзлари илова қилинганлиги жиҳатидан у кенг ўқувчилар оммасига манзур бўлади, деган умиддамиз.

Таржимон, нашрга тайёрловчи ва сўзбоши муаллифлари:
Сайфидқин САЙФУЛЛОҲ,
Нодирхон ҲАСАН,
филология фанлари номзодлари

Масъул муҳаррир:
Иброҳим ҲАҚҚУЛ,
филология фанлари доктори, профессор

Муҳаррир:
Амирқул КАРИМ

 






Гулшани жаҳон ичра сарви навниҳолим бор,
Етмайин висолига нолаи фиғоним бор.
Бори фурқати бирла қомати камоним бор,
Арзу додим айтурга саломатли хоним бор.
Бошима Ҳумо янглиғ, шукр, соябоним бор,
Ғавси муршиди комил — Хожаи Жаҳоним бор...
Мухлис Намангоний


ХОЖАИ ЖАҲОН -
ХОЖА АБДУЛХОЛИҚ ҒИЖДУВОНИЙ

Бу йил улуғ бобомиз Хожаи Жаҳон - Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратлари таваллудининг 900 йиллиги ЮНЕСКО ташаббуси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 4 декабрдаги қарорига кўра республикамиз миқёсида кенг нишонланади.
Хожагон тариқатининг асосчиси Хожаи Жаҳон — Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратлари она-Ватанимизнинг маънавий, маданий ривожига салмоқли ҳисса қўшган улуғ алломалардандир. У зоти шариф 1103 йил Бухоройи шарифнинг Ғиждувон туманида таваллуд топиб, 1179 йил шу диёрда вафот этганлар. Оталари - Имом Молик наслидан бўлган малатялик Имом Абдулжамил ҳам олим ва ориф киши бўлган.
Абдураҳмон Жомий ҳазратларининг «Нафаҳот ул-унс» асарида ёзилишича, аҳлуллоҳдан Хизр алайҳиссалом ёш Абдулхолиқни маънавий фарзандликка қабул қилади ва унга «зикри дил» (қалб зикри)ни ўргатади . Бу зикр вазифасини доимий равишда бажаришга одатланган Хожа Абдулхолиқ улуғ файзу футуҳга эришадилар. Унга қалб зикриии таълим берган ва маънавий фарзандликка қабул қилган устози Хизр алайҳиссалом бўлса, суҳбат ва хирқа пири улуғ шайх Хожа Юсуф Ҳамадонийдир. Шайх ҳазратлари Бухоройи шарифга ташриф буюрганларида йигирма икки ёшли Хожа Абдулхолиқ Хизр алайҳиссаломнинг тавсияси билан унга мурид бўлади, суҳбатларидан баҳра топиб, тез орада маънавий камолот хосил қиладилар.
Юсуф Ҳамадонийнинг халифаларидан Хожа Аҳмад Яссавий ҳазратлари Яссига қайтаркан, устозининг васиятига биноан муридларини Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийга топширадилар. Шундан кейин Бухорода муршидлик қила бошлаган бу улуғ зотнинг муридлари сафига оддий халқ қатори, кўплаб амалдорлар, ҳатто Бухоро ҳукмдорларидан Муҳаммад Умар Садр ҳам қўшилади. Хожа Абдулхолиқ ҳазратларининг обрў-мартабалари фақатгина Ўрта Осиё ҳудуди билан чекланмайди. Шом диёрида ҳам ул зот хонақоҳ барпо этиб, муридлар тарбияси билан шуғулланганликлари ривоят қилинади.
Алишер Навоий ҳазратпари «Насойимул-муҳаббат»да бошқа улуғ машойихлар қатори, Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийни ҳам юксак эҳтиром билан тилга олади. Хожаи Жаҳоннинг тутган йўллари тариқатда ҳужжат ва намуна ҳисобланганлиги, Ҳақ билан ноҳақни ажратувчи, адолатли кишилар наздида мақбул ва мўътабар бўлиб, ҳамиша садоқат ва софлик йўлида юрганлиги, шариат ва суннатга риоя қилганлиги, турли бидъату хурофотларга қариш тинимсиз курашганлигини қайд этади .
Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний хожагон-нақшбандия тариқатининг етук муршидридан. Унинг ривожига улкан ҳисса қўшган пирикомилдир. Улзот, биринчидан, хожагон сулукида хафий зикрни бошлаб берган бўлса, иккинчидан, устози Хожа Юсуф Ҳамадоний томонидан ишлаб чиқилган ва хожагон-нақшбандия тариқатининг бош шиорларига айланиб кетган «ҳуш дар дам», «назар бар қадам», «сафар дар ватан», «хилват дар анжуман» қоидаларига яна тўртта: «ёдкард», «бозгашт», «нигоҳдошт», «ёддошт» каби рашҳаларни илова қилди. «Калимоти қудсия» деб аталадиган бурашҳа-қоидаларга унинг издоши ва маънавий фарзанди Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари яна учта: «вуқуфи замоний», «вуқуфи ададий» ва «вуқуфи қалбий» қоидаларини илова қилиб, нақшбандиянинг яхлит назарий тизим тамойилини шакллантирганлар ва сулук тарбиясини янада ривожлантирадилар. Шу боис Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратлари «сарҳалқаи силсилаи нақшбандия» номи билан улуғланганлар.
Хожа Абдулхолиқ ҳазратлари пайгамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан бошланган тариқат силсиласида Юсуф Ҳамадонийдан кейин ўнинчи ҳалқа пир эдилар. Хожа ҳазратлари бу ҳалқанинг давом этиши учун вафотидан олдин Хожа Аҳмад Сиддиқ, Хожа Ориф Ревгарий, Хожа Авлиёйи Кабир (Авлиёйи Калон), Хожа Сулаймон Карманийларга халифалик ижозати берганлар. Бу зотларнинг ҳар бири иршод ишларига машғул бўлишган. Нақшбандиянинг олий ҳалқасини эса Хожа Ориф Ревгарий ҳазратлари давом эттирганлар...
Хожа Абдулхолиқнинг муборак руҳи шарифлари Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларини тарбият қилганлиги учун у зот Баҳоуддин Нақшбанднинг увайсий-маънавий пири ҳисобланади. Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларига зикри хуфя (овоз чиқармай зикр қилиш)ни ўргатган ҳам ул зоти азиздир.
Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратлари тариқат пири, муридлар тарбиячиси бўлиш билан бир қаторда, «Васоё» («Васиятнома», «Одоби тариқат», «Ҳақойиқ ул-иймон», «Дақойиқ ул-ирфон» деган номлар билан ҳам аталади), «Мақомоти Юсуф Ҳамадоний», «Аз гуфтори Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний» каби асарлар муаллифи ҳамдир.
Хожаи Жаҳон ҳазратларининг панд-насиҳатлари ўзликни англаш, ахлоқни, ботинни тузатиш, қалб имкониятларига йўл очиш, маърифат сирридан воқиф бўлиб, сайру сулукни камолга етказишда муҳим асослардан ҳисобланиб, инсонни Ҳақнинг суюкли бандаларидан бўлишга даъват этади.
Ушбу китобча уч мустақил қисмдан иборат. Аслида, ҳар бир қисм мустақил бир асар-рисоладир. Биринчи қисмда Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг форс тилида битилган «Мақомоти Юсуф Ҳамадоний» номли асар таржимаси берилган. Биз бу асарни таржима қилишда Эронда нашр қилинган «Рисолаи соҳибия» , Туркияда сақланаётган «Тибён» , Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти (ЎзРФАШИ) қўлёзмалар хазинасидаги «Мақомот»  нусхаларидан фойдаландик. Матнларнинг тўғри вариантини танлашда ўрни-ўрни билан учала нусхани муқояса этиб, тарихий ва илмий ҳақиқатга мувофиқроқ бўлганини танладик.
Мазкур асарида Абдулхолиқ Ғиждувоний устози Шайх Юсуф Ҳамадонийнинг сурат ва сийрати, гўзал ахлоқи, юриш-туриши, ибодати, ҳаёт фаолияти ва шогирдларига муносабати хусусида атрофлича маълумот беради. Шунингдек, тариқат аҳлларини Юсуф Ҳамадонийнинг намунали ҳаёт тарзидан ибрат олишга чақиради.
Дарҳақиқат, асарни ўқир эканмиз, кўз олдимизда илоҳий файзга тўлиб-тошган нуроний пир, Ҳақ ишқига ғарқ бўлган, илму маърифатда етук, инсонларга меҳр-шафқатли, валий, комил бир инсон сиймоси гавдаланади. Бу каби мақомотларни ўқиган ҳар бир китобхон қалбида улуғларимизга нисбатан муҳаббат уйғонади. Уларнинг изидан боришга, улардан ҳар жиҳатдан ўрнак олишга, охират ишини дунё иши билан баробар юритишга, тақво аҳлидан бўлишга ғайрат қилади.
Рисоланинг иккинчи қисми «Хожагон-нақшбандия машойихлари» деб юритилади.
Маълумки, юртимиздан нақшбандия тариқатининг бир қанча комил вакиллари етишиб чиққан. Нақшбандия тариқатининг бош ҳалқаси - асосий силсиласида диёримизда фаолият кўрсатган ва қабри шарифлари шу заминда бўлган ўн бир нафар раҳнамоларининг номлари қайд этилади. Тасаввуф тарихига оид тадқиқотларда бу ўн бир зоти шарифнинг ҳаёт ва фаолиятлари, фикр ва қарашлари кенг тадқиқу таҳлил қилинган. Улардан етти нафарининг муборак қабрлари Бухоройи шарифда, биттаси Сурхондарё, яна биттаси Самарқанд, иккитаси Қашқадарёдадир.
Биз мазкур рисолада мухтасар тарзда бўлса ҳам улар ҳақида арабий, форсий ва туркий манбалардан мавжуд маълумотларни тўплаб, ўқувчилар ҳукмига ҳавола этишга ҳаракат қилдик. Сир эмаски, нақшбандия билан қизиқувчи кўп кишилар бу зотлар тўғрисида ўқиган ва эшитган бўлсалар-да, уларнинг ҳаёт фаолиятларидан, ҳатто қабрларининг қаерда эканлигидан хабардор эмаслар. Бу зотларга доир катта тадқиқотлар қилинган ва бундан кейин ҳам кўплаб ишлар қилиш мумкин. Мазкур мўъжаз рисола китобхонларимизнинг бу улуғ машойихлар ҳаёт ва фаолиятларидан етарли даражада хабардор бўлишларига яқиндан ёрдам беради, деб умид қиламиз.
Рисоланинг охирги қисмида Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг устози Шайх Юсуф Ҳамадонийнинг «Одоби тариқат» рисоласини форс тилидан, «Инсон ва коинот ҳақида рисола»сини араб тилидан таржима қилиб, табаррукан илова этдик. Ҳар иккала рисола тасаввуфнинг муҳим масалаларига бағишланган. «Тариқат одоби»да сулук йўлига кирган ҳар бир муриднинг қалб поклиги, нафс тарбияси, зикр вазифалари, шайхи билан муносабати ва ҳоказо мавзулар мухтасар ва асосли баён этилган. «Инсон ва коинот ҳақида рисола» («Рисола фи ан-нал-кавна мусаххарун лил-инсон» - «Коинотнинг инсонга бўйсунганлигига доир рисола»)да муаллиф инсоннинг мулку борлиққа бўлган муносабати, махлуқот орасида тутган юксак ўрни, ҳар бир инсоннинг коинотдаги зарурий ашёлардан истифода этиши ва унумли фойдаланиш даражалари ҳамда йўлларини кўрсатиб беради.
Муаллифнинг фикрича, ҳар бир инсон коинотга меъёри билан, тўғри муносабатда бўлса, коинот ҳам инсонга фойдали муносабатда бўлиб, унга хизмат қилади. Биз табиатга: сув, тупроқ, ҳаво қатламларига ва бошқа ҳаётий заруратларга эҳтиёж юзасидан муомала кўрсатсак, ҳаётимиз, яшашимиз ҳам шунга яраша хотиржамлик ва фаровонликда давом этади. Юсуф Ҳамадонийиинг ушбу рисоласидан шу нарса маълум бўладики, ўз даврида машойихларимиз ҳам, ҳозирги тил билан айтганда, экология масалаларига, табиат ва уни авайлаб-асрашга катта аҳамият берганлар.
Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоиий ва Хожа Юсуф Ҳамадоний асарларини таржима қилишимизда бизга яқиндан ёрдам берган, рисолаларнинг асл матни ксеро кўчирмаларини бизга жўнатган ҳамда ўзи нашр эттирган китобни  қиёслаш учун лутфан тақдим этган туркиялик нақшбандияшунос олим, доктор Наждат Тўсунга самимий миннатдорчилигимизни изҳор этамиз.
Хуллас, илк бор таржима қилиниб, китобхонларимизга тақдим этилаётган Абдулхолиқ Ғиждувоний ва Юсуф Ҳамадоний рисолалари ҳамда диёримиздан етишиб чиққан хожагон-нақшбандия машойихлари ҳақидаги рисола Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний таваллудининг 900 йиллиги анжумани арафасида халқимизга қимматли бир туҳфа бўлади, деган умиддамиз. Яратгандан барчамизга улуғларимизга ихлосу муҳаббатли, улар каби илму ирфонли, муносиб издошлардан бўлишни насиб айлашини тилаб қоламиз. Мутасаввиф адиб Султон Аҳмад Ҳазиний таъкидлаганидек, Хожаи Жаҳон таълимоти ва маърифати юртимизга ҳамиша қуёш каби нурли зиёсини сочиб туражак:

Хожа Абдулхолиқ - ул пири худо,
Нақшбандияда шайхи порсо...
Нақшбандийларни бар нақшу мурод,
Хожа Абдулхолиқ - ул пири рашод
Баҳравар қилди хафий асроридан,
Будир анвар нақшсиз анворидан.

Сайфиддин Сайфуллоҳ,
Нодирхон Ҳасан
 
ХОЖА АБДУЛХОЛИҚ  ҒИЖДУВОНИЙ

МАҚОМОТИ ЮСУФ
ҲАМАДОНИЙ


МУҚАДДИМА

Илоҳо, энг сара сифатларинг, улуғвор жалолинг, пайғамбарларингнинг азамати, шаҳидларнинг  қони ва мумтоз бандаларингнинг нафаси-жони ҳурмати, Сендан илмда камолот, ризқда баракот, ўлмасдан бурун тавба қилиш, ўлар вақтда кечирилиш, ўлгандан кейин роҳат, жаҳаннамдан нажот, жаннатга кириш ва дунёю охиратда офият тилаймиз.
Аҳадият саройи бандаларининг энг заифи, Самадият мартабаси ожизларининг энг кучсизи Абдулхолиқ ибн Абдулжамил (Аллоҳ уни соликларнинг ғоялари ва орифларнинг мақомларига эриштирсин, омин, рабб ул-оламин) дейдики: «Алданиш, нашъаланиш, нафсоний туйғулар ва шайтоний васвасаларнинг ғолиб келиш даври бўлган ёшлик йилларида бу фақирнинг кўнглида бир онда «Фазлу марҳамат Аллоҳнинг қўлида бўлиб, уни фақат Ўзи хоҳлаган кишшшрга ато этади»  (Ҳадид сураси, 29-оят) оятининг жазбаси ва ҳақиқатни талаб қилиш (муридлик) истаги туғилди. «Аллоҳ шарафли ишларни севади» жумласининг  тақозоси ва «Аллоҳ билан суҳбат қур (агар Аллоҳ билан суҳбат қуролмасанг, У билан суҳбат қилганлар билан суҳбат қур» сўзини идрок этиш азми мени бир қарорга келтирди. Ғайбнинг илҳом бағишловчиси бу бечоранинг фикр саҳифасига ҳидоят қалами билан шуни нақш этарди: бу (илоҳий) икрому улуғ насибага ва бу саодатга ҳақиқий бир соликка эргашмасдан, шафқатли бир хожанинг этагини тутмасдан эришиш мумкин эмас. «Ким бир нарсани истаса ва жидду жаҳд қилса, албатта, уни қўлга киритади» ҳадисининг тўғри ҳукми ва «Аллоҳ Ўзининг бу нурига Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур» (Нур сураси, 35-оят) оятининг равшанлиги билан муридлик бошимни у валийлик сардори, ҳидоят қуббаси ва у ҳамадонлик муршид, шайхлар шайхи Шайх Юсуф Ҳамадонийнинг (унга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин) оёғига қўйдим. Иродат остонасининг эътикофчилари билан ва у ҳақиқат хонадонида севги даргоҳининг мулозимлари билан бирга бу йўлга кирдим. Бир муддат бу тўғри йўлда у тариқат сайёҳи ва ҳақиқат денгизининг ғаввоси, пайғамбарларнинг хожаси (саллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг шариатига эргашган, ғайб сирларининг кашшофи (Абу) Юсуф ибн Яъқуб ибн Абдулвоҳид ибн Абдулбосит ибн Тамтом ибн Боқир ибн Муҳаммад  ибн Исмоил ибн Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит...  пайғамбар ҳазратларига мутобаат йўлида ният, тобелик ва муҳтожлик билан қадам босдим. Хизр алайҳиссаломшшг ҳавола ва тавсияси билан у авлиёлар султони бу ожиз заифни ва кучсиз фақирни қалб зикрининг талқини билан шарафлантирди.
Худди шу тарзда барча инсонлар - подшоҳ, вазир, олим, зоҳид, дарвиш, хуллас, авому хос ҳамма тоифа бу улуғ хожа ва олими раббоний Шайх Юсуф Ҳамадонийга эргашишлари керак. Чунки бу азиз шайх қатъиян ҳазрати пайғамбар алайҳиссаломнинг динига қарши чиқмаганлар. Саҳоба, тобеин, табаъа тобеин ва салафи солиҳинга эргашиб яшаганлар, Ҳамадон шаҳрида ҳам, бошқа яшаган жойларида ҳам доимо ушбу муборак сўзни такрорлар эдилар: «Тўғри йўл - Аллоҳ расули ҳазрати Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлидир. Чунки оламлар сарвари бундай марҳамат қилганлар: «Эй Абу Ҳурайра, инсонларга менинг суннатимни ўргат ва сен ҳам амал қил, токи қиёмат кунида порлоқ бир нурга эга бўлурсан».
Ҳазрати пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ишорати шундай бўлгани боис, йўли пок бу буюк шайх ҳам дўстларини ва ўзига эргашганларни, яъни Ҳасан Андоқий, Хожа Абдуллоҳ Баррақий, Хожа Аҳмад Яссавий, Хожа Алийёна, бу фақир Абдулхолиқ ибн Абдулжамил ва хизмат қилувчи бошқа дарвишларни ҳам набавий шариат шоҳкўчасига чақирардилар. Нафсоний орзуларга бўйинсунишдан, бидъатдан, шариатга қарши чиқишдан, ботил ва фитна аҳлининг йўлидан ва муқаллидларнинг тақлидларидан муҳофаза этар, огоҳлантирардилар. Бу азизларнинг йўли барча офатлардан холидир. Унда на таътил (бўшлиқ) ранги, на ташбиҳ ҳиди бор (Аллоҳнинг сифатларини инкор этмайдилар ва Уни бошқа нарсага ўхшатмайдилар). Аксинча, фақат холис ҳидоят ва маърифат нуридан иборатдир.

ЮСУФ ҲАМАДОНИЙНИНГ МУБОРАК ЎГИТЛАРИ

Шайхимиз муборак сўзлари билан бундай дейдилар: «Бу (тариқат) йўли ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ разийаллоҳу анҳудан бизгача етиб келган ва қиёматга қадар давом этажакдир. Шу боис барча мўъминлар ва соликлар бу танланган йўлга эргашиши, бу хонадон билан суҳбат қуриши, уларнинг йўлига сулук этиб, улар билан бирга бўлишдан ва унсиятдан узоқ қолмаслиги керак».
Шаҳзода Қусам ибн Аббос (Шоҳи Зинда)нинг мақоми (қабри)да айтдиларки: «Кимда ким бу йўл (тариқат)га амал қилиб, унга маҳкам ёпишса, албатта ҳамма қоронғуликлардан хотиржам бўлур ва бидъат денгизининг тўлқинидан халос бўлур».
Сўнгра менга дедиларки: «Эй Абдулхолиқ! Билгинки, Ҳақ йўлининг йўлчилиги, яъни сулук икки қисмдир: сулуки зоҳир ва сулуки ботин. Биринчиси, сулуки зоҳир бўлиб, у ҳар ҳолу корда илоҳий амр ва таъқиқларга риоят этиш, имкон доирасида диний мезонларни сақлаш ва нафс орзуларидан қочишдир. Ўз аъзоларини ҳавою нафсдан сақлаб, шариат ҳудудида муҳофаза қилишдир. Иккинчи қисм бўлган сулуки ботин эса қалбни поклашга ҳаракат қилиш ва нафсоний ёмон сифатларни йўқотиш учун ғайрат сарфлашдир. Ботиний таҳорат - қалбнинг Ҳақ зикри билан гўё бўлишлиги учун зикрда беҳад жидду жаҳд қилиш. Бу зикр талқини дастлаб ҳазрати Абу Бакр разийаллоҳу анҳунинг қалбига, ундан Салмон Форсийга , ундан Жаъфари Содиққа, ундан Султон Боязид (Бастомий)га, ундан Шайх Абул Ҳасан Харақонийга, ундан буюк шайх  Абу Али Формадий Тусийга ва ундан эса бизга қадар етиб келган».
Шундай дегач, пешин намозининг азонига қадар муборак бошларини қуйи солиб турдилар. Пешин намозини адо этгач, дедилар: «Эй дарвишлар, азиз инсонлар кўп, лекин бу силсиладаги улуғларнинг Ҳақ таоло томонидан танланишига сабаб, ушбу силсилада улар мукошафа ва мушоҳадада юксак шахсиятлар эдилар».
Кейин муборак юзларини бу фақирга буриб, инжу таратувчи табаррук сўзлари билан дедилар: «Эй Абдулхолиқ, улуғ шайх Абу Али Формадий дунёдан охиратга риҳлат этгач  (ҳижрий 477/милодий 1084 йил), шариат ва тариқатда бир муаммога дуч келсам, унинг руҳониятидан  ёрдам сўрардим ва шу ондаёқ шайх ҳазратларининг руҳонияти у муаммони ҳал этарди. Бу йўлда буюк хожа Абу Али Формадийдан бизга қадар етиб келган ирфон ва маънавиятни тариқат соликларига ва Ҳақ даргоҳининг муҳтожларига етказяпман».
Кейин муборак юзларини яна менга қаратиб, дедилар: «Эй Абдулхолиқ, Хожа Абу Али (Формадий)нинг тўртинчи халифаси бўлганим каби, сен ҳам бизнинг тўртинчи халифамиз бўлгайсан». Қарасам, кўзлари ёшга тўлиб турибди. Мен сўрадим: «Сиздан кейин ким халифа бўлғуси?» Шайх ҳазрат дедилар: «Биздан кейин ўрнимизга Хожа Абдуллоҳ Баррақий ўтади, кейин Хожа Ҳасан Андоқий, ундан кейин Хожа Аҳмад Яссавий. Хожа Аҳмад Яссавий Туркистон диёрига кетгач, сен халифа бўласан. Албатта, ҳазрати Муҳаммад алайҳиссаломнинг шариати йўлида бўл ва шариат чегарасидан заррача чиқма, ким динга қарши мухолифлик қилса, унга монеъ бўл. Аллоҳ таоло яхшисини билур».

САНЖАР ИБН МАЛИКШОҲНИНГ МАКТУБИ

Ҳижрий 504 йил Рамазон ойининг ўн биринчи куни чоршанбада Санжар ибн Маликшоҳ Самарқанддаги Қосим ибн Жўқийга бир мактуб юборди. У мактубда шундай ёзган эди: «Шайх ул-машойих вал-муслимин Али ибн Муҳаммад, Қози Алоуддин ибн Умар, Хожа Имодуддин, Амир Абдулваҳҳоб  каби Самарқанд улуғларининг билдиришларича, муҳтарам Шайх Юсуф Ҳамадонийнинг ёши камолга етибди. Унинг ҳузурига бориш учун бизнинг фурсатимиз йўқ. Зеро, Сулаймоншоҳ буюк бир лашкар билан бу тарафга келаётган экан. Шу боис мамлакатни ташлаб, Самарқанд вилоятига бориб келолмаймиз. Дарвишларнинг такя харажатлари учун Қосим ибн Жўқий га ҳалол йўлдан қўлга киритилган эллик минг динор юборилди. Сиз бизнинг ишимиз учун Фотиҳа ўқисангиз. Сизлардан асосан мақсадимиз шуки, ҳазрати шайх (Ҳамадоний)нинг ахлоқ ва аҳволи хусусида ёзиб, бизга жўнатинг. Чунки эшитишимизча, ҳазрати шайхнинг йўли ва атвори саҳобалар (уларнинг барчасидан Аллоҳ рози бўлсин) йўлидек экан. Албатта, бунга эътибор бериб, дуогўйингизни ҳам бу давлатдан насибадор қилинглар».
Кейин ҳазрати шайх ул-ислом азизларнинг ҳузурига, Хожа Абдуллоҳ Баррақийнинг уйига бордилар. Хожа Ҳасан Андоқийни, Хожа Аҳмад Яссавийни, Хожа Шоҳ Ғатфарийни  ва бу фақир Абдулхолиқни йиғдилар. Султон Санжар масаласини тушунтирдилар. Сўнг барча Шайх Юсуф Ҳамадоний ҳузурига кирдилар. Санжар ибн Маликшоҳнинг орзусини шайхга арз қилдилар. Шайх унинг иши учун Фотиҳа ўқиб, бундай дедилар: «Эй дарвишлар, бизнинг хатодан бошқа амалимиз йўқки, уни Санжарга юборсак?». Шунда Хожа Алийёна: «Ҳазрат, дарвишлар сизнинг рухсат беришингизни сўрамоқдалар», — деганида, шайхимиз: «Биздан Аллоҳ расулининг шариатига мувофиқ нима кўрган бўлсангиз, шуни ёзинг!» — дедилар.

ШАЙХНИНГ ТАВАЛЛУДИ,  АХЛОҚ ВА ШАМОИЛИ

504 йил Зулқаъда ойининг йигирма саккизинчи куни сешанбада шайхимизнинг умридан бир минг тўққиз ой ва йигирма олти кун ўтган эди . Шайхимиз душанба куни - Сафар ойининг иккинчи кунида таваллуд топганлар: Пиёда ўттиз икки марта ҳаж қилган, ҳафс қироати билан минг марта Қуръонни хатм этган эдилар . Тафсир, ҳадис, фиқҳ, усул, фуруъ ва каломга доир етти юзта китобни ёд олган, икки юз ўн уч нафар машойих билан суҳбат тутганлар. Кўп вақтлар рўзадор бўлардилар. Саккиз минг бутпарастни мусулмон қилишга муваффақ бўлган, тавба қилдириб, тўғри йўлга солган кишиларининг саноғини ҳеч ким билмасди.
Муборак оёқларидан бири иккинчисига нисбатан бир оз калта эди. Юзларида чечак (доғи обила) хасталигидан излар қолганди. Соқоллари узун ва қизғиш эди. Жуссалари озғинроқ эди. Кимни кўрсалар, «хожа» деб мурожаат қилардилар. Сафарга кўп чиқардилар. Либослари жундан ва ямоқли бўларди. Арпа унидан тайёрланган нон, тариқли нон, уруғ ёғи ва қовун истеъмол қилардилар. Қирқ кунда бир марта товуқ гўшти, баъзан туя ва қўй гўштлари ҳам ер эдилар. Этикдўзлик ва деҳқончилик билан шуғулланар, Ҳақ таоло нима берса, камбағал, етим-есир, ғариб, бемор ва аёлманд (серфарзанд), муҳтож, йўқсил оилаларга тарқатар эдилар. Умрларида бирон марта тиланчилик қилмаган, муридларини ҳам бундан қайтарардилар. Доимо Аллоҳга суянар, дунёни обод қилишга уринмас, бошқаларни ҳам бу йўлдан манъ қилар эдилар. Ҳар йил қирқ кун амри маъруф, наҳйи мункар қилар, инсонларга яхшиликни тавсия этардилар. Подшоҳ ва бойларнинг уйларига бормас эдилар. Етмиш беш йил бўйдоқ яшадилар .
Кўзларининг устида бир нишона бор эди. Вафотларидан кейин ихтилоф чиқди. Баъзилар «ўнг тарафида», баъзилар «чап тарафида эди», дедилар. Муборак кўзлари қатъиятли эди. Номаҳрам, болалар ва аёлларга тикилиб қарамас эдилар. Хизр алайҳиссаломнинг изни билан Ражаб ойининг ўнинчи куни Самарқандга келдилар. Хушовоз, ўрта бўйли, бармоқлари узун эди. Туркийни билмас эдилар. Кўпинча шиппак ва ямоқ кийим киярдилар. Муридларидан ямалган кийим кийганларни ёқтирар, уларга ҳурмат кўрсатардилар. Умрларида бирон марта оёқларини узатмаганлар. Доимо Ҳақ таолодан қўрқиб йиғлардилар. Ширинсўз, табассум билан гапирардилар. Очликдан ва риёзатдан беллари букилган эди. Баланд овоз билан (жаҳрий) зикр қилмасдилар. Зеро, уларнинг замонида жаҳрий зикр йўқ эди. Муридлари жуда кўп эди. Шайхининг шайхи бўлган Абул Ҳасан Харақонийни (425/1034 йил вафот этган) кўрган эдилар. Ҳамадоннинг Ғунайма маҳалласида туғилган эдилар. Кўп вақт яёв юрардилар.
Пайшанба, жума ва байрам кунларида оқшом чоғи улуғ зотларни зиёрат қилардилар. Бошқа шаҳардан келган мусофирдан қайси шаҳардан келганлиги, у ерда қандай сўфийлар яшаётганлиги ва у жойда дафн этилган орифларнинг номларини сўраб-суриштирар эдилар. Нафасни тутиб, қалбий зикр қилганлари учун аъзойи баданлари доим терларди. Кундалик ўқийдиган авроддан ташқари, ҳар фарз намозидан кейин бир пора Қуръон тиловат қилардилар. Ҳозир ул зот дафн этилган Ғатфар тумани Хушвуруд маҳалласидаги уйдан  Масжиди жомеъга боргунга қадар Қуръони каримни хатм қилардилар. Масжиддан Хожа Ҳасан Андоқий ва Хожа Аҳмад Яссавийнинг уйларига қадар Бақара сурасини ўқир, масжидга қайтишда эса Оли имрон сурасини тиловат қилардилар. Шайхимизнинг масжидидан бу дарвишларнинг уйларигача бўлган масофа бир юз етти қадам эди. Намознинг икки ракъатида бир пора Қуръон ўқирдилар.
Шайхимиз юзини баъзан Ҳамадон тарафига буриб, кўп йиғларди. Ҳақ таолодан солиҳ бир ўғил фарзанд сўрар эди. Доимо Хожа Абдурраҳмон Деҳмард Алийёнагийнинг ваъзига борарди. Қиш мавсумида сочларини кам тарошларди. Ул зот Салмони Форсийнинг асоси ва салласини сақлардилар. Янги ой кирганда, Самарқанд пешволарини чақирар, улар билан шариат илмидан баҳс ўтказарди. Самарқанд улуғлари ҳам унинг суҳбатидан баҳраманд бўлардилар. «Хожаи зиндадилон» («тирик қалблар хожаси») Хожа Хизр алайҳиссалом билан суҳбат қиларди. Яхши ўқ отар, мол-мулк сотиб олмас, доим ёнида Қуръон, жойнамоз, тароқ, мисвок, хушбўйлик ва сочиқ олиб юрарди. Кўз оғриғи ва яралар учун дорию малҳам тайёрлар, бадан ҳарорати учун суюқ дору берарди. Чата ва Тўқмоқ  лашкарлари бостириб келганида уларга қарши жанг қиларди. Доим таҳоратли юрар, узрсиз жумъа ва жамоат билан намоз қилишни тарк этмас эди. Кимдан жафо ва азият кўрган бўлса, унга яхшилик билан жавоб қайтарарди.
Таомини ўзи пиширар, кийимларини ўзи ювар, йиртилса ҳам ўзи тикиб-ямарди. Бозорда пиширилган овқатлардан емасди. Салласини катта қилиб боғларди. Либосининг енги кенг ва калта бўларди. Кийимларини совун билан камдан-кам юварди. Овоз чиқариб кулмасди. Бировнинг насибасига ва луқмасига кўз олайтирмас, тўсқинлик қилмас эди. Мулойим сўзлар, юраётганда оҳиста қадам ташларди. Саловоту истиғфорни кўп такрорлар, витр, таҳажжуд ва тасбеҳ намозларини бир-бирига яқин вақтда адо этарди. Кўп дуо қилар, суҳбатдошларига ҳам кўп-кўп дуо қилишни тавсия этарди. Каромату валийлигини намойиш қилмасди. Мўъминлардан бирортаси ул зотни уйига таклиф қилса, ким бўлишидан қатъи назар борарди. Ҳеч кимни ва ҳеч нарсани камситмас эди. Бировга асло мақтанмасди. Тез-тез қабр зиёратларига борар, қабристонни ялангоёқ кезар, қабр аҳлига салом берар, оят-ҳадисларда нақл этилган дуоларни ўқирди. Кўпинча нонни сиркага қўшиб истеъмол қиларди. «Дуои Сайфий», «Қасидаи Бурда», «Чиҳил исми аъзам» ва Қуръон оятларини кўп мутолаа этарди. Кечалари соқолини кўп тарарди. Кўп фойдали ишлар буюрарди. Отга кам минар, кўпроқ эшак ва туяга минарди. Бозорга кам борарди. Исломдаги илк тўрт халифа - чаҳорёрларнинг фазилатларини кўп тилга олар, уларнинг манқабаларини ҳикоя қилиб берарди. Ҳалол еб, ҳалол меҳнат қилувчиларни дўст тутарди. Ўлимни, қиёматни, жон беришни, қабрдаги савол-жавобни, қайта тирилишни, амал китобининг ўқилишини, амалларнинг тарозида тортилишини ва Сирот кўпригидан ўтишни кўп эслар ва йиғларди. Халқни ҳалолдан кийишга ва ҳалол меҳнат билан кун кечиришга ташвиқ этарди. Мўъминлар билан бирга бир идишдан овқат ер, овқатланишдан аввал ва кейин қўлларини ювар, таомни туз билан бошлар ва яна туз билан тугатар эдилар. Калимаи радди куфрни доим такрорлаб юрарди . Бамдод намозидан кейин доим «Ёсин» сурасини ўқишни асло тарк қилмасди. Жумодий ус-соний ойининг охирги кунлари билан Ражаб ойида рўза тутишни канда қилмасди. Мис, кумуш ва олтин идишларда таҳорат ва ғусл қилмас эди.
Фирибгар, айёр, фосиқ, мутакаббир, лақма, ҳийлакор, золим кишиларни ва ота-онасини ранжитувчи, жанжалкаш, бидъатчи, феъли бузуқ, бенамоз, беҳуда сўзловчи, маддоҳ, сохтакор, судхўр, ёлғончи, очкўз, бозорда тентировчи ҳаромхўр, одамларга ёмон лақаблар қўювчи, жамият ишларида ўз манфаатини кўзловчи, макр, қаттиқ сўзлилик ва товламачилик билан ҳақни ноҳаққа чиқарувчи, ўзини халқ орасида мўъмин, зоҳид, диндор, суннатга боғлиқ, дарвиш, олим, тақводор, обид, амри маъруф ва наҳй мункар қилувчи бир инсон сифатида кўрсатувчи риёкор, дунёвий мақсадлар билан ўзини омма орасида яхши ва зоҳиран шариатга риоя қилувчи киши қилиб намойиш этувчи кимсаларга суҳбатларида тавба қилишни тавсия этарди. Тавба қилмаса, ўзига душман тутар ва ўз мажлисидан қувиб юборарди.
Нонни сув билан кам истеъмол қиларди, лекин кўпроқ қуруқ нон ер эди. Гапираётганда «мен» демасди. Агар эҳтиёж бўлса, «бечора» дерди. Бирон кишини «кўппак, тўнғиз, бадбахт, лаънати, бенасиб» сингари сўзлар билан сўкмасди. «Иссиқ-совуқ» демасди. Ҳаммомга бормасди. Ҳеч кимни қарғамас, учраган мўъминга салом берар, ҳар бир кириб келган киши учун оёққа турарди. Доим фикр сурар, ғамгин эди. Адад ҳисобини билмасди. Хати гўзал эди. Мўйловларини қисқартириб юрар, муридлари ҳам шундай қилишарди. Танҳоликни, хилвату узлатни ихтиёр этарди. Кўпинча ёвғон (гўштсиз, ёғсиз тайёрланган суюқ овқат) ер эди. Доимий равишда мужоҳада ва риёзатли эди. Халқнинг таомини емас, авом билан суҳбатлашишдан сақланарди. Қора этик кияр, салласини донишмандларга ўхшаб ўрар ва учини икки елкаси орасига ташларди. Яхши кетмон чопарди. Ишсиз, текинхўр ва еявериб семириб кетган одамларни дўст тутмасди.
Табобат илми билан алоқадор нарсалардан сўзларди. Йўлда кетаётиб, ҳар томонга алангламасди. Мажлисда барчага тааллуқли сўзлардан гапирарди. Масжидга, хонақоҳга ва уйига ўнг оёқ билан кириб, чап оёқ билан чиқарди. Ўнг қўл билан овқатланар, кам таом ер эди, бошяланг намоз ўқимас ва овқатланмас эди. Баланд овозда қироат қилмасди. Агар кунда юз марта таҳорати синса ҳам қайта таҳорат қиларди. Масжид, саҳро, маҳалла, қишлоқ ва тоғларга кўп чиқар, у ерда яшовчи турк, тожик, араб, эркагу аёл, хожа, дарвиш, қул, савдогар, хўжайин, чўпон, туякаш, таниш-нотаниш ҳар хил тоифадаги кишиларга Исломдаги фарз, вожиб, суннат, мустаҳаб, одоб, ҳаром, ҳалол, мубоҳ ва макруҳ нарсалар, ҳайз, нифос, истиҳоза, олди-сотди ва ҳоказо муомалалардан сўз юритар, имкон ва тоқатларига кўра тушунтирар эди.
Кимдан бир яхшилик кўрса, уни бир неча баробар қилиб қайтарарди. Ёнида доимо хурмо, йирик майиз ва кулча олиб юрар, атрофидагиларга улашарди. Шайхининг ҳузурида гапирмас эди. Одамларнинг экинзорларидан ўтмасди. Намозни чўзиб юбормасди. Уй-рўзғор ишларини ўзи бажарар, тегирмонга ўзи борарди. Баҳорда кўп саёҳат қиларди. Бамдод, ишроқ, аввобин, таҳажжуд ва истихора намозларини тарк этмас эди. Шаҳид бўлишни орзу қиларди. Садақа ва закот берар, эътикофга кирар, қурбонлик қилар, қул озод этарди. Ҳақ таолонинг таҳдидидан қўрқар, ваъдасига умидвор бўларди. Кўнгилдан севувчи ва севилувчи, сидқу сафо аҳлига мансуб бир инсон эди. Ихлосли, ҳалим ва саховатли зот эди. Аллоҳга доим шукр қилар, асло шикоят этмасди. Ҳақ қисматига рози, ҳар лаҳза ўлимга тайёр эди. Атрофидагиларга меҳру шафқатли, қарияларни ҳурмат қилар, норасидаларни эркалатарди. Омонатга хиёнат этмас, қариндош-уруғларини тез-тез зиёрат қилар, ҳар қандай хавф-хатардан Аллоҳга сиғинарди. Доимий равишда охиратни талаб қилар, Аллоҳдан тавфиқу тоат тиларди. Қўни-қўшничилик ҳақига риоя қиларди. Йўлларни йуловчиларга азият етказувчи нарсалардан тозалаб юрарди.
Иймонига шўбҳа йўқ, «ҳақиқатан мўъминман» дер эди. Мусулмон жамоалар билан тортишмас, яхши-ёмон ҳар қандай инсоннинг орқасида туриб намоз ўқир, қибла аҳлидан бирортасини «кофир» демасди. Катта-кичикнинг жаноза намозини ўқирди. «Яхши ва ёмон ҳар қандай қадар Аллоҳдан» дерди. Ҳукмдорга бўйсунарди. «Иймон Жаноби Ҳақнинг лутфидир», — дер эди. «Банда бутун азамати ва мукаррамлигига қарамай барибир махлуқдир... Қуръон Аллоҳнинг бандаларига айтган сўзидир, махлуқ эмасдир», дер эди. «Қабр азоби, Мункар ва Накир (савол-жавоби) ҳақдир. Тирикларнинг дуосидан ўликларга наф етади, — дер эди. «Пайғамбар алайҳиссаломнинг шафоати ва меърожи ҳақдир. Амал китоби ўқиш ва сирот кўприги ҳақдир. Ўн саҳоба (ашараи мубашшара) жаннатийдирлар. Кофир доим азобда . Ўликнинг суягидаги оташ тошдаги оташ кабидир», — деб айтарди. «Аллоҳ таолонинг дийдорини кўриш ҳақдир. Пайғамбарларнинг мартабаси авлиёнинг мартабасидан баланддир. Авлиёнинг каромати ҳақдир. Пайғамбарларнинг ақли авлиёнинг ақлидан устундир. Мўъминларнинг ақли кофирларникидан афзалдир. Ҳақ таоло ҳақиқий маънода билувчи ва қудрати билан қувватли», — дерди.
«Инсонлар беш тоифага бўлинадилар: мўъмин, кофир, мунофиқ, гуноҳкор ва мушрик. Иймон ҳақиқийдир, мажозий эмас», — дер эди. «Душманларингни хурсанд қилинглар», — дер эдилар. «Ҳақнинг тавфиқи банданинг феъли ва ғайратига боғлиқдир. Иймон икки аъзодаги бир нарсадир. Аллоҳ таоло ҳеч нарсага ўхшамайди, бошқа нарсалар ҳам унга ўхшамайди. У муайян бир маконда эмас. Балки маконни Яратувчидир. Унга макон ҳожат эмас. Касб қилиб кун кечириш фарздир. Солиҳ амал иймондандир. Иймон тоатдир, аммо ҳар қандай тоат иймон эмас. Ҳар қандай гуноҳ иш куфр бўлавермайди. Пайғамбарлар, валийлар, мўъминлар, солиҳ зотлар ва гуноҳкорларнинг иймони билан Жаброил алайҳиссаломнинг иймони бир хил. Имомнинг нуқси қавмга уради. Иймон ортмайди ва камаймайди. Аллоҳнинг севикли бандаларидан бу меҳнат ва муҳаббатлари туфайли илоҳий амрлар соқит бўлмайди», — дер эдилар .
Суи хотима (иймонсиз кетиш)дан қўрқарди. Тутган йўли ва танлаган мезони юқорида зикр қилинган тарзда эди . Мазҳаби (Имоми Аъзам) Абу Ҳанифа ва асҳоби тутган йўл эди. Фақирлик ва йўқсилликни хуш кўрарди. Баъзи дарвишлар чориқ киярдилар ва ҳазрати шайх масҳ тортишни буюрардилар. Таомни ейишдан аввал «бисмиллоҳ», ниҳоясида «алҳамдулиллаҳ» дер эди. «Ҳуш дар дам» (Ҳар бир нафасни идора этиш, онгли тарзда чиқариш), «назар бар қадам» (оёғингиз остига ва олдингизга қаранг), «сафар дар ватан» (ватанда сафар қилинг) ва «хилват дар анжуман» (халқ орасида Ҳақ билан бирга бўлинг)», — дер эди. Зоҳирда ва ботинда машойих ҳузурида адаб, таъзим ва икром билан ўтирарди. Суҳбатдош, ҳаммаслак ва хизматдош биродарларига нисбатан қўли очиқ эди, уларни ўзидан устун кўрарди. Барча махлуқотдан рози эди. Ҳеч кимга ҳасад қилмас, бойликдан қўрқарди. Гоҳида: «Эй азаматли подшоҳлар ва нодону ғофил, жоҳиллар, дарвишларнинг хилватдаги руҳий лаззатларидан ғофилсизлар. Бошқаларни дил зикри билан баҳраманд қилинг. Нафсни танишга ва кўнгилга келадиган тушунча (хавотир)ларни билишга ҳаракат қилинг», — дер (ва қўшимча қилиб: «Эй Абдулхолиқ, хавотирни билиш иши сенга ҳавола қилинди») , «Зоҳирингизни парокандаликлардан халос этинг, чунки зоҳиран пароканда кишининг ботини ва кўнгли ундан ҳам баттар пароканда бўлади», — дер эди.
Кофирлар, насроний, оташпараст ва зардуштийларнинг уйларига борар, уларга ҳазрати пайғамбар алайҳиссаломнинг фазилатларини тушунтирар, жаннат ва дўзах ҳақида сўзлар, огоҳлантирар, исломни қабул қилишга даъват этарди. Натижада, улар исломни қабул қилишарди. Кейин улар шайх учун совға-салом инъом этишар, шайх ҳазрат ҳам уларга ҳадя билан жавоб қайтарардилар. Уларга диний амр ва таъқиқларни ўргатар, муридларига: «Уларни ҳурмат-иззат қилинг!», — дер эди. Муридлари билан бирга сайёҳатга чиқишни ёқтирар, «Ақлга эргашинг, нафсга мухолифлик қилинг, ақл ва нафс бир жойда жам бўлмайдиган бир-бирига зид икки нарсадир. Тоатга мағрурланманг. Дунёга берилманг ва дунёвий безакларга майл этманг», — дер эди. Доим шайхининг орқасида туриб намоз ўқирди-ю, ёнида турмасди. Аввал ўнг пойабзалини кийиб, тўпиғига эътибор берар, сўнг чап оёқ кийимини кияр эди.
Фарз намозидан кейин ўтириб «Оятул курсий», «Аманар расулу», «Қулиллаҳумма маликал мулк» оятлариниўқир, сўнг суннат намозини адо этарди. Намозни ўз вақтида ўқир, кечиктирмасди. Қиш кечаларида ёстиқ ишлатар, ёзда эса бўйра устида суяниб ётарди. «Илоҳи, бизни нафсимиз билан ёлғиз ташлаб қўйма, бизга рози бўлганинг нарсаларни насиб айла, оқибатимизни хайрли қил, инсон шаклидаги шайтонлардан бизни узоқ тут!» — деб муножот қиларди. Муридларининг ҳурматини жойига қўяр, мажлисга келган-келмаган ва бир-бирини шикоят қилганларни бир-бири билан юзлаштириб, яраштириб қўяр, бир кишининг сўзига қараб, бошқасини ранжитмасди. Мабодо бириси келиб: «Фалон киши сизни менсимай тилга олди, ҳақорат қилди», — деса, «унинг айтганига розиман», — дер эди.
Қози, муфти, раис, имом, муаззин ва қоровулларга қилган хизматларининг савобини тушунтирар, уларни эзгуликка ташвиқ этиб: «Ҳақ томонида бўлинг!»,—дея насиҳат қиларди. Самарқанд пешволарига қалъа қуриш лозимлигини айтар эди. Агар капча - чўмич орқали қозонга чанг-тупроқ тушган бўлса, у таомдан емас эди. Касалларни зиёрат қилар, муҳтожларга қарз берар, лекин қайтиб олмасди. Шаҳзода Қусам ибн Аббос (разияллоҳу анҳу)нинг қабрини зиёрат этарди. Дўстларидан бирортаси Чата, Тўқмоқ ва Урус қўшинларига қарши жангларда шаҳид бўлганини эшитса, жаноза намозини ўқирди. Бирон нарса ёки бирор кишини лаънатламас ва Чингизни дуоибад қилмасди. Муридларини гўшт ейиш (ғийбат) ва кўп сўзлашишдан манъ этарди. Ўзи ҳам кўп гапирмасди. Ҳужрасида бўйра, кигиз, кўза, икки ёстиқ ва қозондан бошқа нарса йўқ эди. Бойни мол-давлати туфайли камбағалдан устун кўрмасди. Ҳар доим фақир ва бой саҳобаларнинг аҳволларидан сўз юритар, муридларига ҳам уларга эргашишни буюрарди.
Қон олдирар, ништар урдирар, дору ичарди. (Ўзи ташкил этган) мадрасада талабаларга дарс берарди. Доимо таҳоратли юриб, овқатни ҳам таҳоратли ҳолда ерди . Ишларида шошилмас, бапо ва қийинчиликларга сабр қилар, ҳар кимга сиррини ошкор этмас, ўзининг одатий ишларини тарк этмас, бир ишга кучи етмаса, ўзидан ранжиб, истиғфор этарди. Ҳар оқшом ўтган кунининг ҳисоб-китобини қиларди. Ризқ ғамини емасди. Кўп намоз ўқир, рўза тутар, муридларини инс, жин ва шайтон каби душманлардан огоҳлантириб: «Бу душманлар доимо таҳоратли юриш ва зикр қилиш билан даф этилади», — дер эди. Шайхидан нима эшитган ва кўрган бўлса, шуларни муридларига тавсия қиларди. Тўғри келган жойга ҳожат қилмасди. Гиёҳ ўсган жойларга бавл қилмас ва тупурмас эди. «Ҳақ» исмини кўп айтар, Аллоҳ таолони зикр қилмасдан таомга қўл узатмас ва: «Луқма ейиш бу — уруғ сепишдир. Уруғни онгли ва ҳушёр ҳолатда экиш керакки, қуввати таом бўлсин», — дер эди.
Либосини пешобдан эҳтиёт қилар эди. Бирон кишига ваъда берган бўлса, сўзининг устидан чиқарди. Мусулмонларга қўли ва тили билан зиён етказмасликка ҳаракат қиларди. Муҳтожларга ёрдам берарди. Бурнига хушбўй ҳид таралса, саловот келтирар, «Ла илаҳа иллаллоҳ ал-Малик ул-Ҳаққ ул-Мубин» ва «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи субҳаналлоҳил-азим ва биҳамдиҳи астағфируллоҳа мин кулли занбин ва атубу илайҳ» дуоларини, «Субҳаналлоҳ» калимасини охиригача кўп ўқирди. Доимий равишда бош оғриғидан қийналарди. Бир кун Хожа Ҳамидуддин Мултонийнинг мақоми (қабри)да: «Менга бу дард берилганига қирқ уч йил бўлди. Саҳобалардан баъзилари ҳам доим бир дард билан оғриб юрар, аммо улар буни халқдан яширар эди», — дедилар. Бева, ғариб, етим ва мусофирларнинг аҳволини сўраб-суриштирар, уларни қўллаб-қувватлар эди.

ШАЙХНИНГ САМАРҚАНДГА КЕЛИШ САБАБИ

Ҳамадон шаҳридан ҳазрати шайх билан бирга (қуйидаги) ўн бир киши келган эди: 1. Абу Мусо Ходим. 2. Бу ожиз банда Абдулхолиқ . 3. Имом Яҳъё Ғатфарий. 4. Хожа Исҳоқ. 5. Хожа Рибот. 6. Хожа Закариёнинг акасининг ўғли. 7. Хожа Одам Шодворий. 8. Хожа Муҳаммад Ҳаким Сарпулий Балхий. 9. Хожа Муҳаммад Чилла . 10. Хожа Қурайш. 11. Бобо Сулаймон Орифи Туркий.
Шайхимиз Юсуф Ҳамадонийнинг Самарқандга келиш сабаби шундай эди: Хожа Ҳамидуддин Мултоний вилоятга кетади, орадан олти йил ўтади. Хожа Хизр алайҳиссалом Малатяда эди. У ерда Имом Молик наслидан Абдулжамил исмли бир юз ўн уч ёшли бир одам яшарди. Ҳақ таолодан бир фарзанд тиларди. Ўша аснода Малатя подшоҳига қарши душман пайдо бўлиб, уни мамлакатидан қувиб чиқариб, мол-мулкини эгаллаб олади. Малатя подшоҳи дашту саҳрода кезар, соқоли ва қошларини тарошлаган эди. Тасодифан йўлда Абдулжамилнинг уйига кўзи тушади. Бир неча кундан бери ҳеч нарса емагани учун бу хонадон аҳлидан егулик сўраш хаёлига келди. Уйга яқинлашганида дўстлик бўйи димоғига урилди. Кекса бир ота-хонга кўзи тушди, унга салом бергач, рум тилида: «Бу вилоятнинг лашкариданман. Бир неча кундан бери ҳеч нарса еганим йўқ», — деди. Хожа Абдулжамил: «Уйга киринг», — деди. Подшоҳ уйга киргач, уни ўтқазиб, унга ҳурмат-эҳтиром кўрсатди. Сув келтириб: «Таҳорат қилинг», — деди. Подшоҳ таҳорат олгач, кекса Абдулжамил «таҳорат учун шукр намози ўқинг», — деди. Подшоҳ намозни адо этгач, Абдулжамил турли неъматларга гўла бир дастурхон келтириб, подшоҳнинг олдига ёзди. Подшоҳ истаганича тановул қилди.
Кейин унинг кийимларини ювдилар. Соч-соқолини тартибга келтирдилар ва: «Истироҳат қилинг», — дедилар. Подшоҳ уйқуга кетади. Уйғонгач, йиғлай бошлади. Кўп йиғлади. Хожа Абдулжамил подшоҳнинг кўп йиғлаганини кўриб, бунинг сабабини сўради. Подшоҳ: «Айтолмайман», — деди. Хожа Абдулжамил қасам ичди ва: «Айт, уялма», — деди. Подшоҳ унга қараб: «Мени танийсизми?» — деди. Хожа: «Малатя подшоҳи бўлсанг керак», — деди. Подшоҳ: «Ҳа», — деди. Хожа Абдулжамил: «Вилоятингни қайтариб олмоқчимисан?», — деб сўради. «Албатта, оилам, бола-чақам номаҳрамларнинг қўлида», — дейди подшоҳ. Хожа: «Агар вилоятингни қайтариб олсанг, менга қизингни берасанми?» — деб сўраганида, подшоҳ бу таклиф-шартни қабул қилди. Хожа деди: «Сен падаримиз Имом Молик мақбарасига бориб, у ерда қирқ кун чилла ўтиришинг керак». Подшоҳ қабул қилди ва Имом Молик мақбарасига равона бўлди.
Вилоятни қўлга киритган золим ҳукмдор эса халққа зулм қилар, мусулмонларнинг мол-мулкини, бола-чақаларини тортиб олиб, истаганича тасарруф этарди. Шу боис халқ қийин аҳволда қолган эди. Эски подшоҳни эса излаб тополмасдилар. Халқнинг оқсоқоллари Хожа Абдулжамилнинг ҳузурига келиб, аҳволни тушунтирдилар. Хожа: «Мен сизларга аввал айтгандим, подшоҳингиз билан бирга бўлинг, у билан бирга жанг қилинг, дегандим. Аммо танбаллик қилдингиз, энди қилган хатоингизнинг жазосини тортяпсизлар», — деб койиди. Шунда халқ пешволари: «Бизга ўша подшоҳимиз керак, маънавий ҳиммат кўрсатинг, уни топиб беринг», — дея илтижо қилдилар. Хожа: «Кечаси зирҳларингизни кийиб, қуролланинг. Подшоҳга ҳужум уюштиринг, уни ва одамларини асир олинг, мен эса подшоҳингизни олиб келаман», — деди. Хожа шундай дегач, одамларни жўнатди ва Имом Моликни зиёрат қилишга йўл олди. Зиёратгоҳда подшоҳни кўрди, у анча озиб қолган эди. Подшоҳ Хожани кўриб, ўрнидан турди, ҳурмат кўрсатди ва ундан Малатя вилоятини қайтариб олишда ёрдам беришини сўради. Хожа: «Вилоятингни сенга топширдик, ўрнингдан тур ва уловингга мин», — деди. Румнинг пешволари унинг (подшоҳнинг) истиқболига чиқдилар ва Хожанинг айтганини қилиб, подшоҳни кутишарди. Подшоҳнинг келганини эшитиб, дарҳол шаҳар ташқарисига чиқишди, уни тахтга ўтқазишди. Душманларни оғир занжирларга солиб олиб келишди ва ҳукмдорнинг буйруғи билан қатл этишди. Шаҳар ичига киргунга қадар тантана қилиб, қизни Хожага узатиш тараддудини кўрдилар. Подшоҳ Хожага: «Қизимни қабул қилинг!»,—деди. Хожа подшоҳ қизини никоҳлади ва Рум диёрига йўналди. Ҳақ таолонинг тақдири билан у қиз Хожа Абдулжамилга бир ўғил туғиб берди. Унга Хожа Абдулхолиқ деб ном қўйдилар.
«Муҳтарам отам исмимни Хожа Хизр алайҳиссалом танлаганини айтарди. Йигирма икки ёшга тўлганимда Хожа Хизр алайҳиссалом мени ҳазрати шайх Юсуф Ҳамадонийга олиб борди. Шайх Хизр алайҳиссаломнинг олдида менга қалб зикрини талқин этдилар. Кейин Хизр алайҳиссалом ҳазрати шайхга: «Сиз Самарқанд шаҳрига боришингиз керак», — деди. Шундай кейин Шайх Юсуф Ҳамадоний исмлари юқорида айтиб ўтилган азизлар билан бирга Самарқандга келдилар. Ғатфар туманининг Хушвуруд маҳалласида яшай бошладилар. Уч ой ўтиб, Хожа Ҳасан Андоқий ва Хожа Аҳмад Яссавийлар шайхнинг суҳбатига келиб қўшилдилар. Шайх уларга ҳам қалб зикрини талқин этдилар. Тўққиз ойдан кейин Хожа Абдуллоҳ Баррақий келиб, мурид бўлди. Бу азизларнинг даврида Самарқанд, ҳатто Амударё бўйидаги вилоятлардан тортиб, Қора Хожагача, Хоразм вилоятидан то Бадахшонгача бўлган минтақада бидъатчи ва нафсу ҳавосига тобеъ бўлган бирон эътиқоди бузуқ киши қолмади.

ШАЙХНИНГ ВАФОТ ТАРИХИ

Ҳазрати шайх Юсуф Ҳамадоний Муҳаррам ойининг йигирма саккизинчи куни пайшанбада вафот этганлар. Тафсилоти шундай: Пешин намозини адо этгач, меҳробга суяниб, муридларига: «Сув иситинг!» — дедилар. Муридлар йиғладилар. Шайх ҳазратлари Абдуллоҳ Баррақий, Ҳасан Андоқий, Аҳмад Яссавий ва бу фақир Абдулхолиққа ҳамда ўша ерда ўтирган қолган дўстларига қараб шундай дедилар: «Биз ўрнимизга вакил сифатида Хожа Абдуллоҳ Баррақийни ихтиёр этдик. Унга эргашингиз, мухолафат этмангиз. Иршод навбати сизга келгач, гўзал ва саодатли ҳаёт кечиринглар, муридларга қалб зикри қилишларини, баланд овоз билан зикр этмасликни тушунтиринг. Султон Санжар ибн Маликшоҳ учун ёзилган одоб ҳақидаги хусусларни муридларингизга ҳам англатинг!»
Кейин муборак юзларини Хожа Аҳмад Яссавийга ўгириб: «Фотир, Ёсин ва Нозиат сураларини тиловат қилинг!» —дедилар. Хатм тугагач, дўстлардан бир фарёд кўтарилди. Шунда шайх ҳазратлари: «Ҳақ таолонинг шундай бандалари борки, уларнинг жон беришини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди», — деб қуйидаги байтни ўқидилар:
Ошиқон чунон жон бидиҳанд,
К-он жо малак ул-мавт нагунжад ҳаргиз.
(маъноси: Сенинг диёрингда ошиқлар шундай жон берурларки, У ерга ўлим фариштаси асло сиғмайди)
Кейин улуғ шайхнинг юзларида бир ўзгариш рўй берди. Хожа Абдуллоҳ Баррақий муридларга боқиб: «Сизлар чиқингиз!», — деди. Шайх: «Мени шу уйга дафн этингиз, жанозамни Масжиди жомеъда қилинг, қизимни Саййид Шарофуддиннинг ўғлига никоҳланг», — дедилар. Шайх ҳазратнинг рафиқаси у зотдан қирқ кун аввал вафот этган эдилар. Уни Чокардизага дафн этишганди. Кейин дедилар: «Мени Хожа Абдуллоҳ Баррақий ғусл қилдирсин, қабрга Ҳасан Андоқий қўйсин». Шу онда Хизр, Илёс, Абдол, Ғавс ва Қутб кириб келдилар. Бу эранларнинг ҳар бири ҳазрати шайх билан видолашдилар. Кейин Хожа Хизр алайҳиссалом қўлини узатиб, шайхга оппоқ олма берди. Шайхимиз олмани ҳидлаб, Ғавсга бердилар, Ғавс ҳам ҳидлагач, шайхимиз: «Эй дўстлар, жаноза намозига тайёргарлик кўринглар, Аллоҳнинг бандаларига меҳрибон бўлинг, Ғавсни менинг ёнимга дафн этинг!» — дедилар. Васияти тугагач, шайхимизнинг жон қуши охират оламига қанот қоқти. Ғавс ҳам шайхимизга мувофиқ баданини бўшатди, жон берди. Пешқадам улуғлар  ўша ерда эдилар, шайхнинг васиятини адо этдилар, жаноза намозини ўқидилар, қабрга дафн этгач, «Албатта биз Аллоҳнинг (бандаларимиз) ва албатта биз у зотга қайтгувчилармиз» (Бақара сураси 156-оят), дедилар. Ғавсни ҳам ўша уйга кўмдилар. У уйни очиб, суффа иморат қурдик.

Рисола тугади
 
ХОЖАГОН НАҚШБАНДИЯ
МАШОЙИХЛАРИ

ХОЖА АБДУЛХОЛИҚ ҒИЖДУВОНИЙ
(Аллоҳ сиррини муҳаддас қилсин)

Туғилган жойи: Бухоро (Ғиждувон), милодий 1103 йил.
Вафоти: Бухоро (Ғиждувон), ҳижрий 616-617/милодий 1218-20 йил.

Шамоили: Бўйи узун, боши катта, оқ юзли, чеҳраси чиройли, чатма қош, кўкрак ва елкалари кенг эди. Маънавий отаси ва устози Хизр алайҳиссалом бўлиб, нақшбандия силсиласи сарҳалқасининг комил муршидидир. Куняси: Имоми Молик наслидан бўлган малатялик Абдулжамил ўғли Абдулхолиқдир. Падари бузруквори Абдулжамил ҳазратлари Хизр алайҳиссалом билан биродарлик қилган солиҳ ва ориф зот эди. Хизр алайҳиссалом унга: «Аллоҳ сенга солиҳ бир ўғил ато қилади. Унинг исмини «Абдулхолиқ» қўй!» — деб буюрганлар.
Абдулхолиқ ҳануз она қорнидалигидаёқ отаси Абдулжамил Туркиянинг Малатя шаҳридан қариндоши билан биргаликда Мовароуннаҳрга, яъни Бухорои шарифга ҳижрат қилган ва Ғиждувонда жойлашиб қолган.
Абдулхолиқ беш ёшга тўлганда Бухорои шарифнинг буюк олимларидан устод Садриддин ҳазратларидан Қуръони карим ўрганаётганда, бир куни «Парвардигорингизга тазарру билан ичингизда (махфий) илтижо қилингиз! Зотан, У ҳаддан ошувчи кимсаларни (яъни эл кўзига кўрсатиш учун риёкорлик қилувчиларни) севмас» (Аъроф сураси, 55-оят) оятини ўқиди. Шунда Абдулхолиқ устозига: «Ботиний ҳақиқат ва хуфя зикр қандай бўлади? Агар инсон ошкора зикр ва дуо қилса-ю, орага риё аралашса, ҳақиқий маънода зикр ва дуо қилинмаган бўлади ва агар қалб билан, яъни махфий зикр ва дуо қилса ҳадиси шарифга кўра, шайтон қонда айланиб юрганидан зикр ва дуога халақит беради», — дебди. Устози бу саволдан ҳайратга тушиб: «Ўғлим, бу илми ладунийдир. Аллоҳ таоло хоҳласа, сени аҳлуллоҳдан бир зотга рўпара қилади. У сенга хуфя ва жаҳрий зикрни ўргатади, шу тариқа муродинг ҳосил бўлади» — дейди.
Абдулхолиқнинг ёш ақлини шундай фикрлар банд қилиб юрганида бир куни Хизр алайҳиссаломга йўлиқади. Ул зот унга жаҳрия ва хуфя зикр йўллари ва усулларини ўргатади ҳамда хуфя зикрга ижозат бериб, «вуқуфи ададий»ни талқин этади. Нақшбандияда «вуқуфи ададий» билан хуфя зикри шу талқиндан кейин бошланади. Хизр алайҳиссалом Абдулхолиқ Ғиждувонийни маънавий фарзандликка қабул қилиб, унга «нафй исбот» зикрини ўргатади. Бу зикр нафас олмасдан бошни ҳовузга тиқиб, 7-21 мартагача қалбдан «Ла илаҳа иллаллоҳ» дейиш билан бошланади. Хуфя зикр соликни ҳақиқий муроқаба мақомига етказади.
Жаҳрий зикрда тил билан холисона қилинган зикрнинг маъносидан қалбан доимий тафаккур қилиш орқали файз олинади.
«Кони файз» сифати билан тилга олинадиган Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратлари Юсуф Ҳамадоний (Аллоҳ сиррини муқаддас қилсин)нинг халифаси, у кишидан шайхлик ижозати, иршод олганлар.
Абдулхолиқ ҳануз йигирма ёшда экан: «Хизр алайҳиссалом мени Мовароуннаҳрга Хожа Юсуф Ҳамадоний ҳазратлари ҳузурига юборди, у кишидан юксак даражада таълим олдим», — деганлар.
Хожа ҳазратларидан бир дарвеш: «Нафс хоҳлаганини бажарайми ёки хоҳламаганиними?» — деб сўрабди. Хожа Абдулхолиқ: «Бу жиҳатда инсоннинг ақли хато қилиши мумкин. Ҳақнинг буюргани қилиниши, манъ этгани қилинмаслиги керак. Бандалик ҳам, дарвешлик ҳам шудир», — деб жавоб берганлар.
Дарвеш: «Солик (тариқатга кирган киши)нинг йўлига шайтон ғов бўладими?» — деб сўраганида, Абдулхолиқ: «Нафсини ҳақиқий маънода ожиз қилиш даражасига етмаган солик, ғазабга келганда шайтон унинг йўлига ғов бўлади, ишини алғов-далғов қилади. Нафсини тамоман заифлаштирган соликда ғазаб бўлмайди, фақат «ғайрат» ва «ғазаб» тушунчаларини бир-биридан фарқлаш керак. Ғайрат Аллоҳ ва Расулига эргашишда саботли бўлиш, уларнинг мухолифларига қарши курашиш, муносабат билдиришдир. Бундай ғайрат ўз ўрнида кўрсатилса, шайтон қочади», — деганлар.
Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратлари Хизр алайҳиссалом билан дўст бўлиш натижасида тариқати олияи нақшбандияга ҳужжат, дастур ва усул ўлароқ бир қанча қоидаларни сайру сулукка киритганлар. Кейинроқ Шоҳ Нақшбанд (Аллоҳ сиррини муқаддас қилсин) ҳазратлари ҳам бу улуғ тариқатга учта қоида-дастур илова қилиб, уларни ўн биттага етказ-ганлар. Ҳар бир солик маънавий файз олиш учун буларга амал қилиши лозим:
1. Ҳуш дар дам: Ҳар бир нафас олиш ва чиқаришда огоҳ бўлиш.
2. Назар бар қадам: Қадамларини назорат қилиб юриши, ноўрин қарашлардан эҳтиёт бўлиш ва ўзини сақлаш.
3. Сафар дар ватан: Ҳар қадамда асл мақсадга — Ҳақ томонга юриш.
4. Хилват дар анжуман: Халқ ичида Ҳақ ила ёлғиз бўлиш.
5. Ёдкард: Нафас чиқармасдан (нафасни ютиб) қалб ва тил билан тавҳид зикрини жамлаб айтиш.
6. Бозгашт: Матлуб ва мақсуднинг фақат Аллоҳ ризоси учун эканлигини билиш.
7. Нигоҳдошт: Қалбни хавотирдан сақлаш.
8. Ёддошт: Ҳар нафасда Аллоҳ билан бўлиш.
9. Вуқуфи замоний: Ҳар бир лаҳзасини ҳисоб-китоб қилиш ва қадрлаш.
10. Вуқуфи ададий: Зикрда саноққа риоя қилиш.
11. Вуқуфи қалбий: Қалбни «Аллоҳ» зикри, фикри ва амри билан банд қилиш.
Хожа Муҳаммад Порсо ҳазратлари «Фасл ул-хитоб» («Тавҳидга кириш») номли асарида Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратларидан шундай баҳс қилади: «Хожаи Жаҳон мутлоқ суратда шайхи комил, муҳаққақ суратда қутби замон, матлаи анвор, манбаи асрор, ҳақойиқ ва маонийнинг мукошифи Ҳазрати Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний (Ал-лоҳ сиррини муқаддас қилсин)дирки, унинг усули бу тариқатда ҳужжат ва бутун тариқатлараро мақбулдир. У ҳар он сидқу сафо йўлида бўлган. Ҳазрати Мустафо (с.а.в.)нинг суннатидан ажралмаган, бидъат ва ҳою ҳавасдан ҳар лаҳза мухолафатда бўлиб сақланган, пок сийрати бегоналардан яширин қолган...»
Нақл қилинадики, ашуро кунларидан бирида талабалари унга хизмат қилиш учун йиғилган эдилар. Ҳазрати Хожа маърифатдан баҳс этардилар, ногаҳон устида хирқа, елкасига жойнамоз ташлаган зоҳидсифат бир йигит келиб, бир бурчакка ўтирди. Ҳазрати Хожа унга қарамадилар. Бир соат ўтгач, йигит оёққа туриб дедики: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўъминнинг фаросатидан сақланинг, чунки у Аллоҳнинг нури билан боқади», — деб буюрганлар. Бунинг сири нима?» ҳазраги Хожа айтдиларки: «Бу ҳадиснинг сири, белингдаги зуннорингни кесиб, иймон келтиришингдир». Ҳалиги йигит: «Аллоҳ асрасин, бизда зуннор нима қилади?» — деди. Шунда Ҳазрати Хожа бир дарвешга уни тафтиш қилишга буюрди. Дарвеш туриб, йигитнинг устидан хирқасини ечади. Остида зуннори кўринади. Бу ғайридин йигит, дарҳол зуннорини қирқди ва иймон келтирди. Ҳазрати Хожа буюрдики: Эй биродарларим, келинг биз ҳам бу янги мўъмин каби зуннорларимизни кесиб, иймон келтирайлик. У зоҳирий зуннорини қандай кесган бўлса, биз ҳам ботиний зуннорларимизни кесайликки, бу зуннор кишининг ўз ибодатига мағрурланишидир. Шу йўлимизга ғов бўлаяпти».
Ҳазрати Хожа амрларидан кейин муридлар ўз кибрларидан огоҳ бўлдилар ва ҳазрати Хожага ташаккур айтиб, оёқларига йиқилдилар, тавба қилдилар.
Нақл қилинадики, бир дарвеш ҳазрати Хожага шундай деди: «Агар Аллоҳ таоло менга жаннат билан жаҳаннамдан бирини танлаш ихтиёрини берса, мен жаҳаннамни танлайман. Чунки, умрим давомида нафсим истагини бажардим. Ҳозирги ҳолатда жаннатни хоҳласам, бу ҳам нафсим хоҳишидир. Демак, Аллоҳ таоло менга жаҳаннамни раво кўраяпти». Ҳазрати Хожа бу сўзни рад қилиб, шундай дедилар: «Банданинг жой тайинлашда ихтиёри борми? У бизга қаерни раво кўрса борамиз, қаерда «бўл» деса, у ерда бўламиз. Бандалик будир, сен айтганинг каби эмасдир».
Нақл қилинадики, ҳазрати Хожа ҳузурига узоқ йўлдан бир меҳмон келибди. Шу аснода чиройли ёш йигит ҳам келиб, Хожа ҳазратларидан дуо истабди. Хожа ҳазратлари ҳақига дуо қилгач, у ёш йигит бирданига ғойиб бўлибди. У меҳмон ҳазрати Хожага: «Бу ёш йигит ким бўлади?» — деб савол қилганда, айтибдиларки: «Бу осмоннинг тўртинчи қаватида турадиган фаришта бўлган. Бир айби туфайли Аллоҳ таоло уни мақомидан йироқлаштириб, бу оламга юборди. Бу фаришта бошқа фаришталардан гуноҳининг кечирилиши ва ўз мақомига қайтарилиши учун нима қилиши кераклигини сўраганида, улар фақирдан дуо сўрашини тавсия этибдилар. Биз дуо қиддик, Ҳақ таоло дуомизни қабул қилди, уни ўз мақомига қайтарди», — дедилар. У меҳмон дедики: «Эй Хожамиз, Аллоҳ бизни охирги нафасда иймондан айирмаслиги ва жонимизни шайтоннинг тузоғига туширмаслиги учун ҳақимга дуо қилинг». Хожа ҳазратлари илтифот қилдиларки: «Фарз намозларидан кейин қилинган ҳар қандай дуонинг қабул бўлишига Аллоҳ таоло ваъда берган. Шунинг учун фарзларни адо қилгандан кейин бизни хайр дуоларингизда унутманг, биз ҳам сизларни фарзларни адо қилганимиздан сўнг дуоларимизда эслайлик. Умид қиламизки, Мавломиз бизнинг ҳаққимиз-да сизнинг дуонгизни, сизнинг ҳаққингизда бизнинг дуомизни қабул қилади».
Хожа Абдулхолиқ валийликда шундай мартабага эришадиларки, бир намоз вақтида Каъбатуллоҳга бориб қайтардилар. У ҳазрати пирнинг обрў-мартабалари Ўрта Осиё ҳудудидан ташқарида ҳам маълум эди. Шом диёрида ул зотнинг хонақоҳ барпо этиб, муридлар тарбияси билан шуғулланганликлари ривоят қилинади.
Алишер Навоий ҳазратлари «Насойим ул-муҳаббат»да Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратларининг аҳволини шундай таърифлайди:
«Аларнинг (Ғиждувонийнинг — тарж.) равиши тариқатда ҳужжатдур. Барча форуқнинг мақбулидурлар. Ҳамиша сидқу сафо йўлида ва Мустафо саллаллоҳи алайҳи васаллам шаръу суннати мутобаатида ва бидъату ҳаво мухолафатида қадам урубдурлар ва пок равишларин агёр кўзидин яшурубдурлар...»
Яъни, Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг тутган йўллари тариқатда ҳужжат-далил ва намуна ҳисобланиб, Ҳақ билан ноҳақни ажратувчи, адолатли кишилар наздида мақбул ва мўътабардир. Ул зот ҳамиша садоқат ва сафо-ёруғлик йўлида юриб, пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг шариати ва суннатига бўйин сунар, турли бидъат, хурофотларга қарши курашиб, ўзларининг покиза ҳаёт тарзларини бошқалардан пинҳон тутардилар.
Ривоят қилинишича, Абдулхолиҳ Ғиждувонийнинг муридларидан бири бир муддат пирининг суҳбатларидан узоқлашибди. У ҳар куни тушида бир гуруҳ кишилар келиб: «Сен энди камолотга эришдинг, юр, сени жаннатга олиб борайлик», — деб уни туяга миндириб, зийнатли тахтлар қурилган, лаззатли таомлар пишиб турган ва сўлим ирмоқлар оқиб турган гўзал маконга олиб боришганини кўради. Бир кун Хожа Абдулхолиқ ҳазратлари фаросат нури билан бу ҳолатни мушоҳада этадилар ва муриднинг олдига бориб, ҳолини сўрайдилар. Мурид бошидан ўтганларни ҳикоя қилиб беради. Хожа Абдулхолиқ ҳазратлари: «Яна бир марта ўша жойга борсанг, уч марта «Ла ҳавла ва ла қуввата...» деб айт ва кўзингни оч», — дея тавсия қилдилар. Мурид ўша кеча тушида устози ўргатганидек қилди. Кўзини очганида не кўз билан кўрсинки, ўзини ўлимтик ҳайвон суяклари орасида кўрди. Бу туш шайтон тузоғи эканини тушуниб етди ва бундан кейин устозининг суҳбатларини асло тарк этмади.
Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний издошларидан Хожа Али Ромитаний ҳазратларининг қуйидаги сўзлари ҳам Хожаи Жаҳоннинг маънавий нуфузи нечоғли юксак бўлганини кўрсатади: «Агар ер юзида Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний фарзандларидан бири бўлганда эди, Мансур Ҳаллож ҳаргиз дор остига бормаган бўларди».
Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратлари шариат, тариқат, маърифат ва ҳақиқат аҳли эди. Сўзлари ҳужжат ва далилдир, улуғ зотларни тарбиялаб етиштиргандир. Жумладан, Хожа Аҳмад Сиддиқ, Хожа Авлиёи Кабир, Хожа Ориф Ревгарий, Хожа Нақшбанд ҳазратлари Баҳоуддин ва бошқа кўплаб кишилар у зотдан маънавий файз олиб келганлар. Силсилада омонатни — шайхлик ижозатини халифалари Хожа Ориф Ревгарийга топширганлар.
Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратлари тариқат пири, муридлар тарбиячиси бўлиш билан бир қаторда, «Васоё» («Васиятнома», «Одоби тариқат», «Ҳақойиқ ул-иймон», «Дақойиқ ул-ирфон» деган номлар билан ҳам аталади), «Мақомоти Юсуф Ҳамадоний», «Аз гуфтори Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний» каби асарлар муаллифи ҳамдир.
«Васоё» — Хожа Абдулхолиқнинг халифаси Авлиёйи Кабир (Авлиёйи Калон) учун айтган тавсияларидан иборат форсча асар бўлиб, унда тақводор бўлиш, жоҳил сўфийлардан узоқ юриш, шариат ва суннат йўлидан айрилмаслик каби мавзуларга ўрин берилган. XVI асрда яшаган адиб Фазлуллоҳ ибн Рўзбеҳон Исфаҳоний Ғиждувон қалъаси билан боғлиқ равишда бу асарга шарҳ битган экан.
«Мақомоти Юсуф Ҳамадоний» — устози Шайх Юсуф Ҳамадонийнинг сўзлари, ахлоқи ва аҳволи баёнига бағишланган асар.
«Аз гуфтори Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний»да Хожа Абдулхолиқнинг сайру сулук одобига доир саволларга жавоблари баён этилган.
Муаллифи номаълум «Мақомоти Абдулхолиқ Ғиждувоний» асарида эса Хожа Абдулхолиқнинг ҳаёти, манқабалари ва баъзи рубоийларига ўрин ажратилган.
Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг қуйидаги панду насиҳатлари ва тавсиялари ўтмишда бўлганидек, бугун ҳам биз учун ҳар жиҳатдан қадрлидир:
«Эй фарзанд, фиқҳ ва ҳадис илмини ўрган, жоҳил сўфийлардан узоқ юр, молинг фиқҳ китоблари бўлсин, бирор киши сени мақтаса, ғурурланма, танқид қилса, ранжима. Инсонлардан ҳеч нарса сўрама, тамаъ қилма, футувват (саховат) аҳлидан бўл, Ҳақ таоло сенга нимаики берган бўлса, халққа тарқат... Бирон бир мансаб-мақомга интилма, бою бадавлат ва раису амирларнинг ҳузурларига борма, улар билан ҳамсуҳбат бўлма... Рақсу самоъга ҳаддан зиёд берилма» (Васиятларидан).
«Намоз қилган одамни шундай бнр хавф ва қўрқув (ёлвориш) босадики, унга ўқ отсалар ҳам парво қилмайди» (Саволларга жавобдан).
«Бир кишида қуйидаги бешта фазилатни кўрмасдан у билан дўстлик қилма: фақирликни бойликдан афзал билиш, амални илмдан устун кўриш, хорликни иззатдан юксак ҳисоблаш, басират ва фаросат эгаси бўлиш, ўлимга доим тайёр туриш».
Манбаларда ёзилишича, бир кун Хожа Абдулхолиқ ҳазратларига қўшни уйда яшовчи аёлнинг эрига айтаётган шундай сўзлари эшитилибди: «Ўн саккиз йилдан бери сиз билан яшаб келаман. Оч-яланғоч ташлаб қўйганингизда ҳам сабр қилдим. Ҳаётнинг ҳар қандай иссиқ-совуқларига чидаким. Нима олиб келган бўлсангиз, ундан ортиғини истамадим. Ору номус, шарафу шаънингизни асраб келдим. Бошқалар олдида сиздан шикоят қилмадим. Барча бу қийинчиликларга сиз меники бўлишингиз ва мен сизники бўлишим учун чидаб келдим. Лекин, шуни билингки, мабодо бошқа бирига майл қилиб, мендан ўзгасини ихтиёр этсангиз, Хожа Абдулхолиқ ҳазратларининг этагига маҳкам ёпишиб, илоҳий адолат тантана қилгунга қадар қўйиб юбормайман».
Бу сўзларни эшитган Хожа Абдулхолиқ ҳазратлари дебдилар: «Бу аёлнинг айтган гаплари менга ниҳоятда таъсир қилди, кўзларимдан ёш оқди. Эй Абдулхолиқ, бу аёл бир махлуқ муҳаббати билан шунча қийинчиликка чидабди. Бу сўз дарвишларга сабоқ бўлсин ва бунга Қуръондан бир далил топайин дедим, ақлимга шу оят келди: «Албатта, Аллоҳ ўзига (бирон нарса ё кимсанинг) шерик қилинишини кечирмайди. Шундан бошқа гуноҳларни ўзи хоҳлаган бандалари учун кечиради» (Нисо сураси, 116-оят).
Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратлари 1218 (ёки 1179) йил Ғиждувонда вафот этганлар. Қабри шарифлари ҳозир мазкур шаҳарда муқаддас зиёратгоҳлардан ҳисобланади. Сарҳалқа силсилани ўзларидан кейин Хожа Ориф Ревгарий ҳазратлари давом эттирдилар.


ХОЖА ОРИФ РЕВГАРИЙ
(Аллоҳ сиррини муқаддас қилсин)

Туғилиши: Бухоро (Ревгар), ҳижрий 560/милодий 1165
Вафоти: (Ревгар), ҳижрий 660/милодий 1236-37

Шамоили: Хожа Муҳаммад Ориф Ревгарий ўрта бўйли, ой юзли, кўзлари катта-катта, қошлари ингичка ва ҳилолдек, қизғиш ранг эди. Вужудидан хушбўй ҳид тараларди. Улуғ валийлардан бўлиб, илм, ҳилм, зуҳд, тақво, риёзат ва ибодат аҳли эди.
«Мақомоти Абдулхолиқ Ғиждувоний ва Орифи Ревгарий» асарида ривоят қилинишича, Ревгарий болалигидаёқ Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг хизматини қила бошлаган. У тинимсиз риёзат чекар, ҳатто ғафлат уйқусига толмаслик учун кўзига туз сепар экан. Буни кўрган Хизр алайҳиссалом унинг келажакда маърифат соҳиби бўлиб етишиши учун дуо қилган. Шу дуо баракоти билан Хожа Ревгарий «ориф» лақабига мушарраф бўлган экан.
«Рисолаи Сиғноқий» асарида баён этилишича, кунлардан бир кун Хожа Аҳмад Яссавий таом пишираётиб, муриди Хожа Дуғийни Ғиждувонга бориб, Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийдан қатиқ олиб келишни буюради. Хожа Дуғий Ғиждувонга етиб бормасданоқ Ғиждувонийнинг халифаси Хожа Ориф Ревгарий Аҳмад Яссавий ҳузурига қатиқ олиб келади. Бундан хабар топган Хожа Дуғий: «Орифнинг ҳоли мендан устун келди», — дея Хожа Орифнинг камолотини эътироф этади.
Яна манқабаларда ёзилишича, Хожа Ориф устози каби муқаддас Каъбани Бухорога келтириш, деворга миниш ва ҳоказо кашфу кароматлар зоҳир этган валий зотдир. У Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратларининг узоқ йиллар хизматида бўлган энг фазилатли муридларидан ва буюк халифаларидан эди. Сайру сулукда устози (пири) жорий қилган тариқатнинг асос ва қоидаларига бирма-бир амал қилиб, файзга эришди.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатига эргашишда жуда талабчанлиги боис, юксак даражага етган эди. Абдулхолиқ Ғиждувоний вафотидан кейин унинг йўлини давом эттиришда самимий ихлос ва ғайрат кўрсатган. Шунинг учун ўзидан тўрт авлод кейин келадиган Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари улар изидан бориб, руҳониятларидан файз олиб, дунёга машҳур бўлганлар.
Хожа Ориф Ревгарийнинг бизгача маълум бўлган ягона асари «Орифнома»дир. Ҳижрий 622 (милодий 1225) йил қаламга олинган бу асарда илк сўфийларнинг фикр-қарашлари билан бир бирга, устози Абдулхолиқ Ғиждувоний билан боғлиқ манқабалар ҳам ўрин олган.
Муҳаммад Толибнинг «Матлаб ут-толибин» асарида Хожа Орифнинг «Тадбирга боғлиқ, тақдирга мункир киши дўзахий, илоҳий тақдирга таслим бўлган киши эса жаннатийдир», деган сўзлари қайд этилган.
Буюк авлиё ва орифлардан бўлган Хожа Ориф Ревгарий ҳазратлари умрининг охирида ҳузур-ҳаловат билан жаҳрий зикр қилишни бош халифаси Маҳмуд Анжир Фағнавий ҳазратларига ўргатганлар. Бу ошкора зикр таълими замон эҳтиёжларидан эди. Зикрдан ғофил бўлган халқ зикри жаҳрияни эшитиш билан завқ ва шавққа тўлар, жамоа бўлиб қилинган зикрдан маънавий фойда ва файзлар оларди.
«Моҳитобон», «пешвойи орифон» сифатлари билан сифатланган ҳазрати Хожанинг қабри шарифлари Ревгарда зиёратгоҳдир. Хожа Ориф ҳазратларидан сўнг халифалари Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий (Аллоҳ сиррини муқаддас қилсин) сарҳалқа силсилани давом этирдилар.


ХОЖА МАҲМУД АНЖИР ФАҒНАВИЙ
(Аллоҳ сиррини муқаддас қилсин)

Туғилиши: Бухоро (Вобкент тумани, Анжирфағний қишлоғи).
Вафоти: Бухоро (Анжирфағний, ҳозирги Анжирбоғ), ҳ. 685/м. 1286.

Шамоили: Ўрта бўйли, оқ танли, бурни чиройли, кенг оғизли, қора соқолли, кўркам юзли эди. Бошига оқ салла ўрар, кароматлари жуда кўп эди.
Бухородан уч фарсах (уч минг ёки беш минг метрлик эски ўлчов бирлиги) масофа нарида бўлган Фағна қишлоғида туғилди. Насли саййидзодалардан. Умр кечириш учун дурадгорлик ва тижорат билан шуғулланар эдилар. Хожа Ориф Ревгарий ҳазратларига хизмат қилиб етишган, энг комил муридларидан ва энг улуғ халифаларидан бўлган. Ҳазратнинг хилват, тариқат ва ҳакикатда сирдоши эди. Якка шахс учун зикри хафийни, жамоат учун зикри жаҳрийни афзал кўрарди.
Вобканий (Вобкент) жомеъ масжидида кўп йиллар халқни иршод қилиш билан машғул бўлди. Хожагон тариқатида жаҳрий зикрни бошлаган зотлардан эди. Замонасининг буюк олимларидан Ҳафизуддин ҳазратлари бир куни Хожа Маҳмуддан сўрайди: «Тариқатингиз зикри хафийга асосланган бўлса-да, зикри жаҳрия қилишингизнинг сабаби нима?» Хожа Маҳмуд ҳазратлари: «Ғофилларнинг уйғонишлари, Аллоҳнинг амрини тутишлари ва зикрга рағбат кўрсатишлари учундир. Шу тариқа улар Ҳақ йўлига кирадилар, ихлос билан тавба ва интисоб қиладилар, ҳақиқатга эришадилар. Зеро, зикр бутун хайрларнинг ва саодатларнинг боши, шунинг учун зикр очиқ бўлиши, халқ эшитиши ва келиши керак», — деб буюрдилар. Ҳафизуддиннинг: «Тил билан қилинган зикрда ҳақиқий билан сохтасини қандай ажратиш мумкин?» — деган саволига Хожа Маҳмуд: «Жаҳрий зикрни дилни ёлғондан, ғийбатдан, ҳаром луқмадан, қалбни шубҳадан, кўзни хиёнатдан ва ҳаром нарсаларга боқишдан, кўнгилни риё ва манманликдан, ботинни мосиводан тозалаганлар бажара оладилар» — дея жавоб берадилар.
Фағнавий фикрича, ошкора ёки хуфя зикрдан мақсад бир бўлиб, ҳикмат, маслаҳат ва ҳолат зарурати ҳар икки нав зикрда ҳам мавжуддир. Бироқ сайру сулук махфий зикрга асосланган.
Фахриддин Али Сафийнинг «Рашаҳот айн ул-ҳаёт», Бадриддин Сарҳиндийнинг «Ҳазарот ул-қудс», Муҳаммад Толибнинг «Матлаб ут-толибин», Маждуддин Бадахшонийнинг «Жомиъ ус-салосил» асарларида Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавийнинг катта бир оқ қуш шаклига кириб учганлиги ва халифаси Али Ромитаний билан суҳбатлашганлига зикр этилади.
Тариқат муҳитида «Ғибтафармойи сурайё» сифати билан тилга олиниб келган Хожа Маҳмуд ҳазратлари ўзларидан кейин Ҳусайн Амир Хурд Вобканий (вафоти ҳижрий 719/милодий 1319 йил) ва Хожа Али Ромитаний ҳазратларига шайхлик ижозати, иршод берганлар. Сарҳалқа силсилани Хожа Али Ромитаний давом эттирдилар.


ХОЖА АЛИ РОМИТАНИЙ
(Аллоҳ сиррини муқаддас қилсин)

Туғилиши: Бухоро (Ромитан), ҳ. 588/м. 1191
Вафоти: Хоразм, ҳ. 721/м. 1321

Шамоили: Ўрта бўйли, юз ва бошқа аъзолари жуда кўркам эди. Фақирлик сулукини танлаганди. Мато тўқиш билан шуғулланарди. Зоҳирда халқ билан, ботинда Ҳақ билан эди. Юксак маънавий мақомга соҳиб бўлиб, фавқулодда кароматлари зоҳир эди. Хожа Маҳмуд Фағнавий ҳазратларининг хизматини ихлос билан қилган энг садоқатли, улуғ халифаларидан эди.
Тасавввуф аҳли орасида «Азизон» лақаби билан машҳур бўлган Али Ромитаний Ромитанда бир неча йил халқни иршод этади, кейин Бовард (Абивард)га кўчиб боради, у ерда ҳам муридлар етиштиради. Ниҳоят, Хоразмга кўчиб бориб, у ерда муқим қолади.
«Рашаҳот айн ул-ҳаёт» ва «Ҳазарот ул-қудс» асарларида ёзилишича, Хожа Али Ромитаний Хоразмда яшаш учун ҳукмдордан ёзма рухсатнома олади. У ҳар куни мардикор бозорига борар, бир-икки ишчини уйига олиб келиб, уларга дин ва тасаввуфдан сабоқ берар, кеч кирганда ҳаққини бериб, кетказар эди. Лекин Хожа Али Ромитанийнинг суҳбатини бир марта эшитган одам яна келаверар эди. Шу аснода тез фурсатда муридлари кўпайиб кетди. Бу ҳолатдан хавфсираган баъзи кимсалар подшоҳга хабар етказадилар. Подшоҳ Али Ромитанийдан шаҳарни тарк этишини талаб қилади, лекин Хожа Али Ромитаний қўлидаги ёзма рухсатномани кўрсатгач, қолиши учун изн беришдан ўзга чораси қолмайди. Подшоҳ ва Хожа Али Ромитаний орасида дўстона муносабат пайдо бўлади.
Муҳаммад Хоразмий Арзангийнинг «Шарҳи Рисолаи Азизон» асарида нақл қилинишича, Хожа Али Ромитаний кечки пайтлар мато бозорига бориб, ҳеч ким сотиб олмай қолиб кетган ипакларни сотиб оларкан. Ўзи уйнинг бир чеккасида тоат-ибодатини қилар, олиб келган ипаклари эса ўз-ўзидан тўқилиб, мато ҳолига келар, бу ишни ғайб эранлари, мусулмон жинлар ёки фаришталар бажаришар экан. Хожа Али Ромитаний бу матоларни сотиб, фойдасини учга тақсимлар: илм аҳлига, камбағалларга ва ўз оиласига харжлар экан.
Замонасининг машҳур шайхларидан Бадриддин Ҳамадоний Хожа Али Ромитанийдан: «Аллоҳни кўп зикр қилинглар...» (Аҳзоб сураси, 41-оят) ояти каримасида назарда тутилган зикр зикри жаҳрийми ё зикри хафийми?» — деб сўраганида, Хожа Али Ромитаний ҳазратлари: «Мубтадий (тариқатга янги кирган солик)га кўра жаҳрий, мунтаҳий (сулукни ниҳоясига етказаётган мурид)га кўра хафийдир»,—деб жавоб берадилар.
«Зикри жаҳрийга далилингиз нима?» — деган саволга: «Охирги нафасингизда тавҳид зикрини талқин қилингиз» ҳадисидир, — дея жавоб берганлар. Бу талқин, табиийки, жаҳрий бўлади ва дарвеш ҳар нафасини охирги нафас деб билади.
Хожа Али Ромитаний ҳазратлари буюрадилар: «Агар Мансури Ҳаллож замонида Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний ҳазратлари ёки унинг муридларидан бири бўлганда эди, уни «Ваҳдати вужуд» мақомидан ўтказиб, «анал ҳақ»лик даъвосидан халос қилган бўлардилар...»
Хожа Али Ромитаний ҳазратлари адиб ва шоир ҳам эди. Ҳикматларга тўла форсча шеърлар битган. «Тарихи назму наср» асари муаллифи Саид Нафисийнинг қайд этишича, Хожа Али Ромитанийнинг «Маҳбуб ул-орифин» номли асари бор. Унда муридларга тавсия қилинган ўнта асос қоидалар тушунтирилган. Бу асарда ва бошқа айрим манбаларда («Расоили ситтаи зарурия», Али Сафийнинг «Рашаҳот айн ул-ҳаёт», Ризоқулихоннинг «Риёз ул-орифин» ва «Мажма ул-фусаҳо» каби асарларда) Хожа Али Ромитанийнинг шеърлари келтирилган.
Хожа Али Ромитанийнинг баъзи фикр-қарашларини унинг фарзанди Хожа Иброҳим бир неча саҳифалик кичик рисолага жам қилган. Бу рисолага Муҳаммад Хоразмий Арзангий шарҳлар битиб (тахминан XV асрда) «Шарҳи Рисолаи Азизон» ёки «Маноқиби Хожа Али Азизони Ромитаний» номи билан яхлит бир асарни тартибга келтирган. «Фиҳристи нусхаҳо» асарида «Рисолаи Хожаи Азизон» номли кичик бир рисола Хожа Али Ромитанийга нисбат этилади.

Хожа Али Ромитанийнинг сўзларидан парчалар:
-   Хизматни миннат бил, миннатни хизмат билма.
-   Банда Ҳаққа ошиқ бўлса, Хизр алайҳиссалом у бандага ошиқ бўлади, унга ёрдам қилади.
-   Инсон доимо хайрли ишлар қилиши, лекин «қилмадим» деб ҳисоблаши керак.
-   Тилнинг доимий зикр билан машғул бўлиши «зикри касир», яъни Ҳақ буюрган «кўп зикр айтиш»дир, назари раҳматдир. Хафий зикр қилувчи машҳур бўлса, демак, у жаҳрий зикр қилибди...
-   Икки нарсага эҳтиёт бўлинг: овқатланаётганда ва сўзлашаётганда.
-   Биродаринг ҳақига бегуноҳ тил билан дуо қил, рад бўлмайди. Яъни сенинг тилинг унинг ҳақига гуноҳ қилмаган, унинг тили сенинг ҳаққингга гуноҳ қилмаган бўлади... биродарнинг биродарга холис дуоси шу тарзда бўлиши керак.
-   Толиблар бирор Ҳақ дўстининг кўнглидан жой олиш орқали камол топадилар. Маънавий камолатга эришишнинг энг қисқа йўли шудир.
-   Муҳаббатнинг шарти эргашишдир. «Ҳазрати пайғамбарнинг умматиман», деган киши авваламбор ул зотга тобеъ бўлиши керак.
-   Ҳақ таоло билан суҳбат қилинг, агар у билан суҳбатлаша олмасангиз, у билан суҳбатлашганлар билан суҳбат қуринг.
-   Дунё ва охират икки опа-сингилга ўхшайди. Бир киши бир вақтда опа-сингил билан никоҳ қура олмайди. Дунё ва охират севгиси ҳам бир қалбда жо бўлолмайди. Ҳолбуки, иккови ҳам махлуқдир. Шундай экан, яратувчи билан яратилмишга бўлган севги бир жойда жамланмайди
-   «(Ҳар бир) хуш сўз Унга юксалур» (Фотир сураси, 10-оят) оятининг ҳукмига кўра, зикр қушининг қанот ёзиб учиши учун икки қаноти бўлиши керак. Булар - ҳузур ва ихлос...
-   Банда Аллоҳ бўла олмайди, лекин Аллоҳнинг сифатлари билан сифатланади, холос.
Хожа Али Ромитанийдан «Имон нима?» (ёки «Тасаввуф нима?») деб сўрашганида, ул зот: «Ажратмоқ ва бирлаштирмоқ» (яъни, кўнгилни дунё севгисидан ажратиб олмоқ ва Ҳаққа қаратмоқ), деб жавоб берибди.
Хожа Али Ромитанийнинг ўғли Хожа Иброҳим отасидан сўрайди: «Мансур Ҳаллож «анал-ҳақ (мен Ҳақман)», — деди, уни қатл этдилар, Боязид Бастомий «Хирқам ичида Аллоҳдан бошқа ҳеч нарса йўқ», — деди, унга ҳеч нима демадилар, бунинг ҳикмати нимада?» Хожа Али Ромитаний: «Мансур манликни илгари сурди ва сўзини «мен» дея бошлади, шу боис мусибатга йўлиқди. Боязид эса йўқлик - ҳечликни илгари сурди, сўзини «йўқ» билан бошлади, омон қолди», — дея жавоб берган эканлар.
Кубравий шайхларидан Алоуддавла Симноний билан хат ёзишган, яссавия шайхи Саййид ота билан учрашган Али Ромитаний ҳазратлари 130 йил умр кўрган. Муҳаммад исмли беш кишини камолга етказганлар. Уларнинг ҳар бири илм ва фазилатда олим, комил, валий зот эдилар: Хожа Муҳаммад Иброҳим (ўз ўғли, вафоти м. 1391 й.), Хожа Муҳаммад Кулоҳдўз Хоразмий, Хожа Муҳаммад Ҳаллож Балхий, Хожа Муҳаммад Бовардий Хоразмий, Хожа Муҳаммад Бобо Саммосий. Хожа Али Ромитанийнинг мазкур халифалари ундан кейин Хоразм, Бухоро ва Балх ҳудудларида хожагон тариқати тарғибини давом эттирдилар.
«Мурғи ҳақиқат шаҳпари» деб сифатланган бу улуғ зот ўзидан кейин хожагон-нақшбандияда шайхлик ижозатини Муҳаммад Бобо Саммосийга топширганлар.
Хожа Али Ромитанийнинг ҳақиқий қабри Хоразмдаги Тошҳовузнинг Кўҳна Урганчида. Ромитандаги мақбараси эса қадамжодир. Сарҳалқа силсилани ўзларидан кейин халифалари Муҳаммад Бобо Саммосий давом эттирганлар.


МУҲАММАД БОБО САММОСИЙ
(Аллоҳ сиррини муқаддас қилсин)

Туғилиши: Бухоро (Саммос),
Вафоти: Бухоро (Саммос), ҳ. 736/м. 1335-36

Шамоили: буғдойранг, нуроний, назари таъсирли, қатъий фикрли, жўшқин ҳиссиётли эди. Отаси Саййид Абдуллоҳнинг тавсияси билан Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавийга мурид бўлади, Анжир Фағнавий эса уни Хожа Али Ромитанийга ҳавола қилади. Хожа Азизонга мурид бўлган Муҳаммад Бобо Саммосий бир умр устозининг хизматида бўлган. Ҳатто пири Бухородан Хоразмга ҳижрат қилганларида бирга кетганлар. Атрофдагиларга ва ўзларига кўп фойда еткарганлар. Муридлар орасида номдор халифа бўлганлар. Боғ-роғларига ўзи қарарди. Жуда сергак эди. Баъзан хизматлари асносида ҳол ғалаба қилар, қўлидан иш асбоблари тушиб кетарди. Кўпинча муридларини ўзи танларди.
Бир куни Амир Кулол ҳазратлари майдонда кураш тушаётганида Муҳаммад Бобо Саммосий ҳазратлари у ердан ўтиб қолади ва илоҳий назар ила уни маънавий майдонига чорлайди. Шу ондан Амир Кулол курашни ташлаб, унинг хизматига киради. Кейинчалик Баҳоуддин Нақшбандни етиштирадиган даражадаги бир валий зот бўлади.
Муҳаммад Бобо Саммосий ҳазратлари бир гуруҳ муридлари билан биргаликда Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари туғиладиган манзил ёнидан ўтаётганда: «Бу тупроқдан тариқатда пешқадам бўладиган ва хизмат қиладиган ориф бир эрнинг бўйи (иси) келмоқда» — дейдилар. Бир кун яна у ердан ўтиб кетаётганларида: «Сизга олдинги сафар бу ердан ўтаётиб, хабар берганим ирфон соҳибининг бўйи ортибди. У ориф зот туғилган бўлса керак» — дейдилар. Буни қарангки, уч кун аввал туғилган Баҳоуддинни йўргакда ҳазрат ҳузурига дуоларини олиш учун келтирадилар. Муҳаммад Бобо Саммосий ҳазратлари Саййид Амир Кулолга Баҳоуддинни кўрсатиб: «Бу бизга мансубдир. Уни маънавий фарзандликка қабул қилдик. Бир неча ойлар олдин бўйини олганимиз бу зот келажакда тариқатимизнинг пешвоси бўлади. Бу Қасри (Кўшки) Ҳиндувон маскани бундан кейин Қасри Орифон, яъни Орифлар қасри бўлади. Эй Амир Кулол! Бу йўргак ичидаги ўғлим Баҳоуддинни сенга топшираман. Унинг зоҳирий ва ботиний тарбияси билан сен шуғулланасан. Асло бу борада сусткашликка йўл қўймагайсан! Сусткашлик қилсанг сени кечирмайман», — дея қаттиқ тайинлайдилар.
Ҳазратнинг энг катта халифаси бўлган Саййид Амир Кулол: «Ҳазратим, иншааллоҳ, амрингизни бажариш учун қўлимдан келганча саъю ҳаракат қиламан, — деб сўз беради ва келажакда ваъдасини бажаради.
Муҳаммад Баҳоуддин айтади: «Уйланиш вақти етканда, бувам мени Хожа Муҳаммад Бобо Саммосий ҳазратлари ҳузурига юборди. Ҳузурига боришдан бир кун олдин кечаси қалбимда ниёз ва тазарру пайдо бўлиб, Хожа ҳазратларининг жомеъсига бордим. Икки ракъат намоз ўқигандан кейин: «Эй Раббим, менга балоларингга сабр қилишга қувват бер. Сенинг муҳаббатинг туфайли рўпара бўладиган машаққатларга, меҳнатларга сабру тоқат бер», — деб дуо қилдим. Эрталаб ҳазратнинг ҳузурига чиққанда, дафъатан: «Эй ўғлим, дуо қилганда: «Эй Раббим, нимагаки сенинг ризолигинг бўлса, бу ожиз бандангга уни адо этишни насиб эт», деб дуо қилиш керак. Ҳақ таоло ҳикматига кўра агар дўстига бало юборса, унга сабру тоқат қувватини ҳам эҳсон қилади... Акс ҳолда, банданинг ўзи хоҳлаб, бало исташи густохликдир», — деб мени огоҳлантирдилар.
Хожа Муҳаммад Бобо Саммосий ҳазратлари тўртта олим, фозил буюк халифа етиштирганлар: Хожа Сўфий Сухорий, Хожа Маҳмуд Саммосий (ўз ўғиллари), Мавлоно Донишманд Али, Хожа Саййид Амир Кулол.
Хожа Бобо Саммосий ҳазратлари фойдасиз фикр ва туйғулардан қалбни муҳофаза қилиш лозимлигини доим таъкидлар эдилар. «Шамси Ҳақ» деб сифатланган бул зоти шариф ўзларидан кейин тариқат ижозати — шайхлик қилишни Саййид Амир Кулол ҳазратларига топширганлар. Сарҳалқа силсилани шу зоти шариф давом эттирганлар.





САЙЙИД АМИР КУЛОЛ
(Аллоҳ сиррини муқаддас қилсин)

Тугилиши: Бухоро (Сухор ёки Афшона), тахминан ҳ. 680/м. 1281 й. туғилган.
Вафоти: Бухоро (Сухор), ҳ. 772/м. 1370.

Шамоили: узун бўйли, буғдойранг, кўкраги кенг, қўллари узун, чатмақош, соқолига оқ оралаган, жисмонан бақувват, паҳлавон келбатли. Пайғамбаримиз наслидан - саййидзодалиги учун Саййид ва Амир дейилар эди. Отаси Амир Ҳамза яссавия шайхларидан Саййид отанинг дўсти бўлган. Саййид Амир Кулол табиатан жуда камтарин инсон бўлиб, эътироз ва қайсарлик нималигини билмасдилар. Волидалари: «У қорнимдалигида шубҳали таом есам, қорним оғрир, тавба қилмагунимча оғриқдан қутулмасдим. Бу ҳол бир неча марта такрорланди. Шундан кейин луқманинг ҳалол бўлишига диққат қиладиган бўлдим. Оғриқ ҳам йўқолди», — деб эслаганлар.
Саййид Амир Кулолнинг ҳунари кулолчилик эди. Ёшлигида кураш тушишни севар, жуда яхши курашар эди. Уни таниган ва севган томошабинлардан биттаси бир куни: — Бу зотнинг кураш билан машғул бўлиши саййидлик шарафига муносиб эмас», деб ўйлайди ва шу заҳоти уни уйқу элтади. Тушида қиёмат бўлгани ва ўзининг кўкрагигача лойга ботгани, чиқишга кучи етмасдан жуда қийналганини кўради. Шунда узоқдан Амир Кулол етиб келиб, қўлидан маҳкам ушлаб, уни ботқоқликдан қутқаради. У одам уйқудан уйғонади, қарасаки, кураш ниҳоясига етган... Амир Кулол унга рўпара келади ва: «Мана, сен тушда кўрган кун учун паҳлавонлик қилаяпман. Сени ва сенингдек ботқоққа ботганларниХудонинг изни билан қувват ва ҳиммат ила қутқа-раман», — дейди. Шунда у киши тавба-истиғфор қилиб, унинг энг садоқатли муридига айланади.
Кураш тушишни мужоҳидлик таълими, деб эътироф этган Саййид Амир Кулол бошқа бир куни кураш майдонида муваффақиятлар кўрсатаётганда Хожа Муҳаммад Саммосий ҳазратлари ўша ердан ўтаркан, тўхтаб курашни томоша килади. Шунда муридлардан баъзилари ҳазратнинг кураш томоша қилишига таажжубланиб, ҳар хил шубҳаларга боришади. Бунинг устига ҳазрат дарҳол: «Бу майдонда бир азамат эр бордирки, кўп азаматлар унинг суҳбати баракатидан камолга етадилар. Хоҳлардимки, у бизга мурид бўлсин, унинг таълим ва тарбияси хизматида бўлайлик», — дейдилар. Шу заҳоти кураш тушаётган Амир Кулолнинг қалби Муҳаммад Бобо Саммосий ҳазратларининг ҳиммат назаридан ҳушёр тортиб, дарҳол курашни ташлайди, келиб ҳазратнинг оёқларига йиқилади. Сўнгра орқасидан хонақоҳга келади, тавба ва истиғфор айтиб, Хожа Муҳаммад Бобо Саммосийга мурид бўлиб, устозининг юксак муҳаббатига эришади. Зоҳирий ва ботиний илмлардан таҳсил олиб, замонасининг етук шайхи бўлади. Саййидлиги билан бир қаторда, шариат, тариқат, маърифат ва ҳақиқат даражаларига юксалади.
Саййид Амир Кулолнинг Амир Бурҳон, Амир Шоҳ, Амир Ҳамза ва Амир Умар исмли тўрт фарзанди ва тўрт халифаси бор эди. Фарзандларини халифаларининг хизмат ва тарбияларига топширади, натижада етук тарбияга мушарраф бўладилар. Булардан ўғли Амир Бурҳонни Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд тарбиясига бераётиб: «Буни сени ихтиёрингга топшираман. Ўзингга ўхшатиб камолга етказ ва ҳақиқатларга эриштир. Бу йўлда барча қобилиятингни сарфлашингни хоҳлайман», — дедилар.
Дарҳақиқат, бир қанча йилдан кейин Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари Амир Бурҳонни отасининг ҳузурига олиб келганида ҳолатининг ўзгаргани ва камолга етканини кўради ва ўғли ҳақида: «Амир Бурҳон тариқатда ҳужжатимиз, бурҳонимиздир», — деганлар. Вақт ўтиб, Баҳоуддиннинг камол ва истеъдодини кўрган Саййид Амир Кулол унга: «Ўғлим Баҳоуддин, бағримда нимаики бўлса, барчасини сенга ўтказдим. Мендаги хизматинг тамом. Сенинг истеъдодинг буюк. Бошқа яна улуғ зотлар топиб, хизмат қил, жаҳоннинг ягонаси бўлгайсен», — деди.
Саййид Амир Кулолнинг ҳаёти ҳақида унинг набираси Мавлоно Шаҳобиддин томонидан тайёрланган «Мақомоти Амир Кулол» (Бухоро, 1909 й.), «Огоҳийи Саййид Амир Кулол» (Карочи, 1961 й.) асарларида маълумотлар мавжуд.
Узоқ умр кўрган Саййид Амир Кулол умрининг асосий қисмини Сухор қишлоғида ўтказди, бир муддат Насафда ҳам яшади. Қабри Бухоронинг Сухор (ҳозирги Янги ҳаёт) қишлоғида жойлашган.
Хожа Саййид Амир Кулол ўзларидан кейин тариқат ижозатини ўғли Амир Ҳамза (вафоти м. 1398 й.), халифалари Мавлоно Ориф Деггароний, Шайх Ёдгор Кунсуруний, Шайх Жамолиддин Даҳистоний, Шамсиддин Кулол ва Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларига топширдилар. Саййид Амир Кулол халифалари орасида энг машҳури - хожагон-нақшбандияга янги йўналиш берган ва такомиллаштирган, сарҳалқа силсилани давом эттирган Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларидир.


ХОЖА МУҲАММАД БАҲОУДДИН НАҚШБАНД
(Аллоҳ сиррини муқаддас қилсин)

Туғилиши: (Бухоро), Қасри Ҳиндувон, ҳ. 718/м. 1318
Вафоти: (Бухоро), Қасри Орифон, ҳ. 791/м. 1389

Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратларининг хафий зикр асосида барпо этган хожагон тариқатининг унутилаёзган қоидаларини жонлантиргани ва ривожлантиргани учун янги бир тариқат (нақшбандийлик)нинг асосчиси сифатида маълум ва машҳурдир.
Шамоили: узун бўйли, буғдойранг, қалин соқоллик, очиқ юзли эди. Бўйни нурдек порлар, ҳаммани тўғри йўлга бошлардилар. Зоҳиран халқ, ботинан Ҳақ билан эди.
Ҳижрий 718, мелодий 1318 йилда Бухоро яқинидаги Ҳиндувон қишлоғида дунёга келдилар. Пайғамбаримиз наслидан эдилар. Кейинчалик бу қишлоқнинг номи унинг шарофатидан Қасри Орифон бўлди. Болаликдан ажойиб ҳолатлари зоҳир бўла бошлади. Маънавий устозлари Муҳаммад Бобо Саммосий Баҳоуддин она қорнидалигидаёқ «бир эр ҳиди»дан башорат берган эдилар. Ёшига нисбатан зиёда ақл идрокка эга эди. Суннатга тўла амал қилиш, каромат ва нури ҳидоятга мазҳар эди.
«Анис ут-толибин» асарида келтирилишича, Хожа Баҳоуддиннинг онасидан нақл қилинган бир ривоятга кўра, Хожа Баҳоуддин тўрт ёшлигида онасига: «Сигиримиз пешонасида ой тасвири туширилган бир бузоқ туғади», — дейди. Дарҳақиқат, бир неча ойдан кейин у айтган тарзда бузоқ туғилади.
Болалигида Муҳаммад Бобо Саммосий ҳазратларидан назар топади, ёшлик ва камолот палласида Саййид Амир Кулол ҳазратларига хизмат қилади.
Хожа Баҳоуддин кўплаб тирик шайхлар суҳбатига етган бўлса-да, вафот этган улуғ валийлар руҳониятларидан файз олиб, камолга эришган. Увайс Қараний, Ҳаким Тирмизий каби машойихи изомлар қатори, Хожаи Жаҳон - Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратлари руҳониятидан файз олган, у кишининг тариқатлари ва сайру сулукларига тааллуқли нимаики бўлса, ўзлаштирган, давом эттирган. Муҳаммад Бобо Саммосий ва Амир Кулол ҳазратларининг таълим ва тавсияларини уйғунлаштириб, тариқатга жаҳоншумул асос ва қоидалар киритган. Азизлар руҳониятидан файз олиб етишгани учун «увайсий» дейиларди. Хожа Баҳоуддин Бухородаги қабристонларни тез-тез зиёрат қилиб турарди. Шундай зиёратларнинг бирида Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратларининг руҳониятлари бошқа азизлар билан бирга у кишига кўриниб, шундай таълим берганлар: «Ўғлим Баҳоуддин, Ҳақ тарафидан катта истеъдодга эгасан. Оламга маънавий нур ёядиган истеъдод пилигини бироз ҳаракат қилдиришинг лозим. Аллоҳнинг зикридан асло ғофил бўлма. Махлуқотга холисона хизмат қил. Бу билан Ҳаққа борадиган йўлни топасан ва унга эришасан. Баҳоуддин! Ҳар замон ва маконда оёғингни шариат асослари устига қўй! Амри маъруф ва наҳйи мункарга амал қилган бўласан. Суннатларга тўла риоя қил! Шариатни енгил тутма, бидъатлардан йироқ бўл! Инсонлар, ҳайвонлар, ўсимликлар сендан хизмат кутаяптилар. Сайру сулукнинг аввали, ўртаси ва охирида Хизр алайҳиссаломдан қандай билим ва усуллар олган бўлсам, уларни сенга ўргатаман. Кўпроқ зикри хуфяга аҳамият бер. Аллоҳнинг тавфиқи рафиқинг бўлсин!».
Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий ҳазратларидан Саййид Амир Кулол ҳазратларига қадар ўтган хожагон улуғлари ўрнига кўра жаҳрия, ўрнига кўра хуфя зикр қилганлар, аммо кўпроқ жаҳрий зикрни ихтиёр этар эдилар. Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратларининг талқинлари ва маънавий тавсиясидан сўнг Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари Насафга бориб, Саййид Амир Кулолга мурид бўладилар ва хуфя зикрни танлайдилар. Амир Кулол ҳузурида бўлган чоғи ундан шариат ва тасаввуф илмлари, устозининг етук халифаларидан бўлмиш Баҳоуддин Деггаронийдан ҳадис дарси, Шамсиддин Кулолдан эса муроқаба таълимини олади.
«Рисолаи Баҳоия», «Нафаҳот ул-унс» ва «Мақомоти ҳазрати Хожаи Нақшбанд» асарларида ёзилишича, Хожа Баҳоуддиннинг маънавий таълим-тарбияси камолига етганини кўрган устоз Амир Кулол бир кун унга: «Фарзандим Баҳоуддин, устозим Бобо Саммосийнинг сиз ҳақингиздаги васиятини адо қилдим. Сийнамни сизнинг камол топишингиз учун қуритдим. Руҳ қушингиз башар тухумидан чиқди, ҳиммат қушингиз эса юксакларда учмоқда. Энди сизга ижозат бераман, бирор кишининг бўйини сезсангиз, дарҳол талаб қилинг ва ҳимматингизни аяманг», — дея насиҳат қилади.
Хожаи Бузург, Хожа Балогардон каби лақаблар билан машҳур бўлган Хожа Баҳоуддин пири Саййид Амир Кулол рухсатидан кейин замонасининг буюк алломаларидан Мавлоно Ориф Деггароний ҳазратларига ҳам етти йил хизмат қилганлар.
«Анисут-толибин», «Рисолат ул-Баҳоийя», «Насойимул-муҳаббат» асарларидан ўрин олган манқабада баён этилишича, бир кун Шоҳ Нақшбанднинг тушида Ҳаким ота у кишини яссавия шайхларидан бирига ҳавола қилади. Тушидаги шайхнинг сиймосини хотирасида сақлаб қолган Хожа Баҳоуддин уйғониб, кўрган тушини бувисига айтганда, у: «Болам, сенга турк машойихидан насиба етажак», — дейди. Шундан кейин у яссавия улуғларидан Хожа Халил Ота ҳазратларига ўн икки йил хизмат қилган. Яна бир яссавий шайхи Қусам отадан ҳам икки-уч ой давомида таълим олган, натижада жуда кўп сирлардан воқиф бўлган.
Ривоятга кўра, бир кеча тушида Хожа Нақшбанд хожагон шайхларини кўради. Унга ғойибдан: «Келаётган бало сенинг баракотингдан даф бўлади. Бу сенга Муҳаммад Бобо Саммосийнинг икромидир», — деган садо эшитилади. Шу боисуни «Хожаи Балогардон», «Баҳоуддин Балогардон» деб аташ расм бўлган.
Хожа Баҳоуддин Мовароуннаҳр ва Хуросоннинг Насаф, Ғадиват, Кеш, Хоразм, Кармана, Марв, Сарахс, Майҳана, Мозандарон, Тус, Ҳирот, Нишопур каби турли шаҳар ва қишлоқларида бўлди. У ерларда диний-тасаввуфий суҳбатлар уюштирди. Жуда кўплаб мухлислар унинг ирфоний суҳбатлари таъсирида унга мурид бўлдилар. Кўплаб олимлар қатори Бухоронинг ўша даврдаги машҳур уламоларидан Ҳусомиддин Хожа Юсуф Ҳофизий Бухорийдек зотлар ҳам Хожа Баҳоуддинга интисоб этади. Шундан сўнг Ҳофизий Бухорий кетидан унинг жуда кўплаб талабалари, бошқа дин арбоблари ҳам Хожа Баҳоуддиннинг суҳбат ҳалқаларига қатнай бошлайдилар.
Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари тўрт буюк қутб: Абдулқодир Гилоний, Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд, Саййид Аҳмад ар-Рифоий, Саййид Аҳмад Бадавий ҳазратларидан бири эдилар.
Шариат билан жазбани уйғунлаштирган бир тасаввуфий дунёқараш соҳиби бўлгани учун у: «Тариқатдаги усулимиз Имом Қушайрий билан Фаридиддин Атторнинг сўзларига мувофиқдир», — дер эдилар.
Бир киши Хожа Баҳоуддиндан каромат кўрсатишни сўраганида, ул зот ўрнидан туриб, у ёқ-бу ёққа юриб: «Шунча гуноҳлар қилган ҳолда, ер юзида бемалол юрганимизнинг ўзи энг катта каромат эмасми?» — дея жавоб берганлар.
Ҳанафий мазҳаб эдилар. Икки марта ҳажга борганлар. Иккинчи марта етук халифаларидан Муҳаммад Порсо ҳазратларини ҳам олиб кетганлар. Йўлда Ҳиротда тўхтаб, Мавлоно Зайниддин ҳазратларини зиёрат қилиб, уч кун суҳбат қилдилар. Ҳажга борганида Маккада бир кишининг ҳаж асносида Каъба эшиги ҳалқасига ёпишиб дунё сўраётгани, яна бир кишининг эса Мино бозорида минглаб тиллолик савдо қилгани ҳолда қалби Аллоҳ зикри билан банд эканлигини мушоҳада қилади. Бу воқеадан таъсирланиб, «ичимдан қон кетди», деб айтган эканлар.
Хожа Баҳоуддин талабаларига диний қонун-қоидаларга риоя қилишни, тақводор бўлишни, шу йўл билан валий — Аллоҳнинг дўсти бўлиб етишиш мумкинлигини тавсия этарди. Сулукининг асосини ҳазрати пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам суннати ва асҳобининг сўзларига эргашиш деб биларди. Илм ва илм аҳлига ниҳоятда ҳурмат-эҳтиром кўрсатарди. Ҳадис илмини яхши билгани учун суҳбатларида ҳадисларни тасаввуфий маънода кенг шарҳлаб берарди. Арабча, форсча ва туркийда эркин гаплаша оларди. Шу боис кўплаб олиму фузалолар унинг иршод ҳалқасига аъзо бўлишган.
Хожа Баҳоуддин футувват табиатли, қўли очиқ, жўмард зот бўлиб, совға берганга албатга ҳадя билан жавоб қайтарарди. Ҳалол меҳнат билан кун кечиришга алоҳида аҳамият берар, бекорчи, ишсиз кимсаларни муридликка қабул қилмасди.
Бир шахс Нақшбанд ҳазратларидан: «Нима сабабдан сизнинг тариқатингизда мен ошкора ибодат ва зикр, одату маросим кўрмайман?» — деб сўраганида, ҳазрат: «Зоҳиримиз халқ билан, ботинимиз Ҳақ биландир», — дедилар.
Аз дарун ишв ошнову аз берун бегонаваш,
Инчунин зебо равиш кам мебувад андар жаҳон.
Яъни: Ичингдан ошною, ташингдан бегонадек кўрин, бундай гўзал одат жаҳонда кам топилади.
Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари суҳбатга катта аҳамият берарди. Суҳбатида фарз бўлган илм ва ахлоқ тарбиясини ўргатар, ҳамиша хайр (қилишни) ўйлар, ҳар қадамда хизмат, сулҳ ва Ҳақ йўлини кўрсатар эди.
Узоқ йиллар кўчаларни тозалашга, ҳайвонларнинг емишларига қарашга, яраларини даволаб, уларга хизмат қилишга ўзини бахшида қилган.
Севимли ҳазрат пайғамбаримиз ва асҳобининг йўли ҳам шундай эди. «Йўлимиз суҳбат йўлидир. Суҳбатни тарк қилган суннат йўлини тарк қилган бўлади», — дердилар. Чарчаш нима билмасдилар, тилидан зикр канда бўлмасди. Баъзан Ҳақ таолога: «Сенинг юкингни жону дилдан тортишга тайёрман, нима учун тортмай?», — деб таслимият изҳор қилар эдилар.
Қобилиятли муридларини тарбиялашга кўп вақтларини сарф қилардилар. Ёш ва истеъдодли Муҳаммад Порсо Хожа ҳазратга интисоб этганда, иккаловлари ҳам кўп севинганлар. Ҳазрат: «Аллоҳга ҳамд бўлсин, бугун дом(тузоғ)имизга бир қарчиғай илинди», — деб айтганлар. Ҳақиқатан, Муҳаммад Порсо, Шоҳ Нақшбанд ҳазратларига хизмат ва таслимиятда энг пешқадам муридларидан бўлиб, у зотнинг барча ҳаракатпари ҳазратни хурсанд қилган. Ҳазрат аҳён-аҳёнда: «Фарзандим Муҳаммад Порсо, менинг зуҳуримдан мақсад сенинг зуҳурингдир», — деб марҳамат қилардилар.
Хожа Мусофир айтади: Ҳазрати Хожанинг бир қурилиши бор эди. Ҳамма ёронлар бу иш билан машғул эдилар. Офтоб чоштгоҳга етганда ҳаво жуда исиб кетди. Ҳазрати Хожа ёронларни бирор соат дам олишга буюрдилар. Ҳар ким қўл-оёғини ювиб, сояга ўтди ва уйқуга кетди. Хожа Муҳаммад Порсо лойхона четида қўлу оёқлари лой ҳолда офтобда уйқуга кетдилар. Бирпасдан сўнг ҳазрати Хожа келдилар, барча ёронларга назар солдилар. Хожа Муҳаммад Порсонинг олдиларига етганларида, уларни бу кайфиятда кўриб, ўзларининг муборак юзларини уларнинг оёқларига суртдилар ва дедилар: «Худовандо, мана шу оёқлар ҳурматидан Баҳоуддинга раҳматингни соч! »
Муҳаммад Порсонинг ҳол ва ҳаракатлари ва юксак сўзлари хожагон тариқатида ҳужжат ва далил эди. Адаби туфайли устози Шоҳ Нақшбандни эшигида доимо қўл қовуштириб тургани учун устози унга Муҳаммад Порсо, яъни диндор, художўй лақабини берганлар. Муҳаммад Порсо Мадинаи Мунавварада - Жаннат ул-Бақиъда ҳазрати Аббоснинг қабри яқинида дафн қилинган. Муҳаммад Порсонинг «Рисолаи қудсия» ва «Фаслул-хитоб» номли асарлари машҳур. Маънавий устоз Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг шариатга таянган сунний тасаввуф анъанасини Хожа Баҳоуддин Нақшбанд футувват ва маломат усуллари билан уйғунлаштиришга ҳаракат қилди. Ундан кейин издошлари ҳам бу анъанани давом эттириб, халқ, уламо ва давлат ҳукмдорлари ижобий баҳолайдиган бир тариқат тушунчасини юзага келтирдилар. Мамлакат хотиржамлигини безовта қиладиган турли бузғунчи, сохта оқимлар, бидъатчиларга муқобил равишда нақшбандийлик тариқати вакиллари она-юрт, халқ ва миллатнинг ҳар томонлама тараққиёт этиши учун курашдилар.

Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг муборак сўзларидан намуналар:
-   Бизнинг йўлимиз суҳбатдир. Хилватда шуҳрат, шуҳратда эса офат бордир. Хайр жамоат биландир.
-   Тавҳид сиррига эришмоқ мумкин эмас, маърифат сиррига эришмоқ мумкин. Аммо жуда мушкул.
-   Мен Ҳақни излашда буюк сабот ва ирода қувватини ҳосил қилишни бир қиморбоз кишидан ўргандим. Қиморбоз бор-йўғини бой бергандан кейин ёнидаги дўсти унга насиҳат қилиб, қимордан воз кечишини илтимос қилган. У эса: «Қиморда бошимдан жудо бўлишимни билсам ҳам ундан воз кечмайман», — дебди. Қиморбознинг бу сўзи қалбимга шундай ғайрат солдики, ҳозиргача у ғайратни муҳофаза қилаяпман...
-   Сулук йўлига эндигина қадам қўйганимда, одамларнинг сўзига қулоқ солдим. Агар Аллоҳдан гапираётган бўлсалар, вужудим билан тинглар эдим, аксинча, ғам ва кадарга ботиб, одамлардан узоқлашар эдим.
-   Бу йўлда менга фақирлик катта ёрдам қилди. Бизни фақирлигимиз туфайли бу эшикдан ичкарига олдилар. Нимага эришган бўлсам, шу сифатим билан эришдим...
-   Биз суюклига еткаришга воситамиз. Йўлга кирганларга лозимдирки, оқибат биздан айрилиб, суюклига етишсинлар.
-   Йигирма йилдир рангим ва сифатим йўқдир. Ҳозир ҳам бирортаси мени билмоқни истаса, шу онда ҳам рангим, сифатим маълум эмас...
-   Орифнинг қалбидек кенг ва катта бўлган бошқа нарса йўқдир. Ер ва осмонлар Орифнинг қалбига нисбатан бир нуқта кабидир. Бу жиҳатдан, Аллоҳ: «Ер ва осмонларга сиғмадим, мўмин банданинг қалбига сиғдим», деб айтган.
-   Қалбларнинг буюклиги аслида бир. Лекин улардаги маърифатнинг буюклиги фарқли...
-   Биз истасак муридни жазба, истасак сулук йўли билан тарбиялаймиз. Бу бизнинг ихтиёримиздадир. Суҳбатимизга келганлар орасида баъзиларнинг дилларида муҳаббат уруғи мавжуд, аммо дунёвий алоқалар туфайли ривожланмай, ўсмай қолган. Бизнинг вазифамиз уларнинг дилларидаги ўша алоқаларни сидириб ташлашдир. Баъзиларнинг қалбларида эса муҳаббат уруғи йўқ. Бизнинг ишимиз бу қалбларда муҳаббат уруғларини юзага келтирмоқдир.
«Танбеҳ ул-ғофилин», «Ҳаётнома», «Далил ул-ошиқин», «Ҳадият ус-соликин», «Силк ул-анвор», «Рисолаи қудсия», «Рисолаи унсия», «Рисолат ул-воридот», «Рисола фи ваҳдат ул-вужуд», «Мунтаҳабот мин мактуботиҳи», «Аврод ул-баҳоия» каби нақшбандия издошларига оид асарларни Хожа Баҳоуддин Нақшбанд қаламига мансуб деган қарашлар ҳам илмда мавжуд. Шунингдек, тасаввуфшунос Саид Нафисий Баҳоуддин Нақшбанднинг тасаввуфий руҳдаги баъзи шеърлари бугунга қадар етиб келганлигини ёзади. Лекин нақшбандийшунос Наждат Тўсун мазкур асарлар ҳамда Нафисий тилга олган тасаввуфий шеърлар Хожа Баҳоуддин Нақшбандга тегишли эмаслигини қайд этади. Унингча, юқорида номлари зикр этилган машҳур тасаввуфий манбалар Хожа Баҳоуддин Нақшбанд издошларига, шеърлар эса Жалолиддин Румий ва бошқа мутасаввиф ижодкорларга тегишлидир .
Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари ҳақида жуда кўплаб маноқиблар битилган. Улардан энг асосийлари Муҳаммад Порсонинг «Рисолаи қудсия» (XV аср), Салоҳ ибн Муборакнинг «Анис ут-толибин ва уддат ус-соликин» (XIV аср), Абул Қосим Муҳаммад Бухорийнинг «Рисолат ул-Баҳоийя» (XV аср), Абул Муҳсин Муҳаммад Боқирнинг «Мақомоти ҳазрати Хожаи Нақшбанд» (XVI аср), Саййид Шариф Журжонийнинг «Тарожими Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ва Хожа Алоуддин Аттор» (XV аср), Мулла Фанорий Шамсиддиннинг «Рисола фи маноқиби шайх Баҳоуддин Нақшбан-дий» (XV аср), Абдураҳмон Жомийнинг «Нафаҳот ул-унс», «Туҳфат ул-аҳрор» (XVI аср), Фахриддин Али Сафийнинг «Рашаҳот айн ул-ҳаёт» (XVI аср), Аҳмад Акбарободийнинг «Мақомоти ҳазрати Шоҳи Нақшбандий» (XVIII аср) каби асарлардир.
Муҳаммад Баҳоуддин Шоҳ Нақшбанд ҳазратларига яқиндан хизмат қилган, суҳбатларидан айрилмаган ва унинг сулук, таълимотини давом эттирган куёвлари ва халифалари, ҳар жиҳатдан камолга етишган Алоуддин Аттор ҳазратлари шундай ривоят қиладилар: Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанднинг охиратга сафар қилаётган пайтлари бошида «Ёсини шариф» ўқиётган эдик, ярмига келганимизда устознинг юзида нурлар пайдо бўла бошлади. Калимаи Тавҳидни айтиб, жонлари узилди. (У кишига Аллоҳнинг раҳмати бўлсин). Жанозасининг олдида шу мазмундаги байтни чиройли ўқишларини васият қилганлар:
Муфлисонем омада дар кўйи ту,
Шайъаниллоҳ аз жамоли рўйи ту.
Яъни, сенинг кўйингда жамолингдан «шайъаниллоҳ» деб тиловчи гадолармиз.
Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд 73 ёшда, ҳижрий 791 йилнинг учинчи раби ул-аввал ойи, душанба кечаси вафот қилиб, Қасри Орифонда дафн этилганлар. Қабри шарифлари ҳозирги Бухоройи шарифнинг Когон туманида машҳур зиёратгоҳлардандир.
«Вориси тахти тариқат», «шоҳи олам Нақшбанд» ёки «пиримиз Саййид Баҳоуддин Нақшбанд» каби сифатлар билан улуғланиб келинган Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари ўзларидан кейин куёвлари ва халифалари Алоуддин Аттор, яқин халифалари Муҳаммад Порсо, Яъқуб Чархий ва Алоуддин Ғиждувонийларга шайхлик қилишга ижозат берган бўлса, Мавлоно Муҳаммад Фағонзий, Хожа Мусофир Хоразмий, Сайфиддин Манорий, Сайфиддин Хушхон Бухорий, Сирожиддин Кулол Пирмас(т)ий, Хусрав Карминий, Абдуллоҳ Хўжандий, Шайх Шодий Ғадиватий, Дарвиш Некрўз, Амир Маҳмуд Қасри Муғоний, Амир Ҳусайн каби муридларни тарбиялаб вояга етказганлар. Силсилани давом эттирган халифалари эса Хожа Алоуддин Аттор ҳазратларидир.


ХОЖА АЛОУДДИН АТТОР
(Аллоҳ сиррини муқаддас қилсин)

Туғилиши: номаълум.
Вафоти: Сурхондарё, Чағониён қишлоғи, ҳ.802/м. 1400 й.

Шамойили: ўрта бўйли, кенг юзли, буғдойранг, серсоқол зот эдилар. Доимо хузуъ ва хушуъ (тавозуъ ва фақирлик) ҳолида бўлардилар. Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг содиқ муриди, куёви ва халифасидир . Бухоронинг бадавлат бир оиласидан бўлса-да, табиатан фақирликка мойил, илмга ташна ва одобли зот эдилар. Бухоро мадрасасида зоҳирий илмларни иштиёқ билан ўрганаркан, риёзати туфайли тагида эски бўйра, боши остида ғиштдан ёстиқ ва китобини қўйишга бир лавҳи бор эди, холос.
Нақл қилинишича, Алоуддин Атторнинг насаби хоразмлик машҳур яссавий шайхи Саййид ота воситасида ҳазрати пайғамбарга бориб туташади. Алоуддин Аттор сулук йўлига жуда эрта — ўсмирлик чоғида кирган. Оиладаги бойлик таъсирида унда ҳосил бўлган мағрурликни синдириш учун пири Шоҳ Нақшбанд ҳазратлари унга кўчада олма сотишни буюрадилар. Алоуддин дастлаб чекка маҳаллаларда, ҳеч ким танимайдиган жойларда олма сотади. Лекин Нақшбанд ҳазратлари атайин уни акаларининг дўкони оддида сотишга буюрадилар. Алоуддин акаларининг кўзи олдида олма сотишга ийманади, бироқ Хожа ҳазрат қаттиқ талаб қилгач, Алоуддин олма саватини кўтариб, акалари савдо қиладиган атторлик дўкони олдида олма сота бошлайди. Буни кўрган акаларининг нафсонияти қўзғаб, Алоуддинни қаттиқ ҳақорат қиладилар. Қўлидан саватни олиб, уни калтаклайдилар. Алоуддин: «Устозим менга «Олма сот!» дедилар, мен сотавера-ман. Қаерда сот деган бўлсалар, ўша ерда сотаман. Дўконингиз олдида бақириб сотавераман. Қўлингиздан келганини қилинг, мен устозимнинг буйруғини бажараман», — деганлар.
Устози ҳузурига келганида, Хожа ҳазратлари унинг ўз нафсини синдирганини кўриб: «Ўғлим Алоуддин, олма сотиш иши тугади. Нафсинг эмас, устозинг айтганини бажа-риб, тўғри қиддинг. Акаларинг нафсининг ҳакалак отгани, сенинг нафсинг эса эзилганини кўрдим. Бундан буён суҳбатларимизга келавер. Илму фазлингни камолга етказ. Жаноби Ҳақ мададкоримиз бўлсин», — дедилар.
Алоуддин, бир томондан, мадрасада таҳсил олиб, иккинчи томондан, ҳонақоҳдаги суҳбатларга қатнашиб, маънавий камолот ҳосил қилар эди.
Алоуддин Аттор давлатманд отасининг вафотидан кейин унинг меросидан ҳеч нарса олмайди, зоҳидона ҳаёт кечиришда давом этади. У балоғат ёшига етганида, бир куни Хожа ҳазратлари мадрасага, унинг ёнига ташриф буюрадилар. Алоуддин эски бир бўйра устида дарс қилиб ўтирар эди. Хожа ҳазратлари: «Алоуддин, болам! Агар қабул қилсанг, сенга балоғатга етган қизимни никоҳлаб берай». Алоуддин хижолат тортиб, адаб билан: «Устоз, бу таклиф хизматкорингиз учун улуғ лутф ва саодатдир. Лекин уй-жой, рўзғор тебратиш учун тирикчилигим йўқ-ку?!—дейди. Хожа ҳазратлари: «Ташвишланма, Аллоҳнинг хазинаси чексиз, унинг Ўзи ризқингизни таъминлаб қўйган. Қизим сенга муносиб ва тақдирингда ёзилгандир. Қани энди уйга юр, сизларни никоҳлаб қўяй», — дея марҳамат қиладилар. Бу никоҳдан дунёга келган Хожа Ҳасан Аттор, Хожа Шаҳобуддин, Хожа Муборак ва Хожа Алоуддинларнинг ҳар бири хожалик мақомига етишганлар.
Хожа Алоуддин Аттор устози Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларига куёв бўлгач, ул зотга икки жиҳатдан яқин бўлгани сабабли Хожа ҳазратларининг даргоҳларига бемалол кириб чиқарди, умрини ул зотта хизмат қилиб ўтказишни ўзига бахт деб ҳисобларди.
Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг суҳбатларини ташкиллаштириш, сўзларини жамлаш, фармонларини бажариш, сайёҳатларини идора этиб, муридларни бошқаришда юксак қобилият соҳиби эди. Хожа ҳазратлари ҳаётлик вақтларидаёқ барча толиб ва муридларининг таълим-тарбиясини Алоуддин Аттор ҳазратларига топшириб: «Алоуддин Аттор юкимизни анча енгиллаштирди. Унинг баракоти, суҳбатлари ва гўзал тарбия тарзи кўплаб толибларнинг кўзини очди, қурбият ва камолотга етказди», — деган эканлар.
Устози каби ҳанафий мазҳабига мансуб бўлган Алоуддин Аттор ҳазратлари одамларни ўз фикрларига қатъий ишонтириш қобилиятига эга эдилар. Адашган инсонларни тўғри эътиқод, ҳақиқий маънода Жаноби Ҳаққа иймон келтиришларига сабабчи бўлган.
Баҳоудқин Нақшбанднинг халифаси сифатида бир муддат Хоразмда иршод ишлари билан шуғулланади. Баъзи маълумотларга кўра, Яъқуб Чархий Хожа Баҳоуддин Нақшбанддан иршод ижозати олган бўлса-да, хожанинг вафотидан кейин унинг васиятига биноан Алоуддин Атторнинг суҳбатларида қатнашиб, ўзини камолга етказади. Яъқуб Чархий Шоҳ Нақшбанддан иршод олганми, олмаганми, бу ҳақда аниқ бир нарса дея олмаймиз. Аммо у кишининг Алоуддин Аттордан иршод олганликлари ишончли манбалар орқали тасдиқланган. Баҳоуддин Нақшбанднинг яна бир яқин халифаси Муҳаммад Порсо ҳам Алоуддин Атторга эргашади, унинг суҳбатларини «Мақомоти Алоуддин Аттор» номли рисоласида жамлаб, қайд этади.
Алоуддин Аттор устози Баҳоуддин Нақшбандюшг сайру сулукини давом эттирган ҳолда, унга янги усуллар ҳам илова қилади. У ўзининг йўналишида муроқаба усулига алоҳида эътибор беради. Атторнинг фикрича, муроқаба усули нафй исбот усулидан афзал ва жазбага янада яқинроқдир. Муроқаба ҳолига кўникма ҳосил қилгач, зеҳн доимо бир нуқтада жамланади ва натижада кўнгилларни фатҳ этиш мақомига эришилади. Аттор бу усул орқали юзага келган жазба билан толибларни тезда қурбат мақомига эриштириш мумкин деган фикрни илгари суради. Шунингдек, у устози каби суҳбат усулига катта аҳамият берарди. Чунки суҳбат инсондаги ухравий ва олий фикрларни ривожлантиради.
Вафотидан олдин Алоуддин Аттор яқин халифаси Яъқуб Чархийга яқиндагиларни суҳбат билан, узоқдагиларни эса китоб воситасида тарбиялаш лозимлигини васият қилиб, иршод этиш вазифасини топширади.
Алоуддин Аттор ҳазратлари Ҳасан Аттор (ўғли), Низомиддин Хомуш, Яъқуб Чархий, Ҳусомиддин Порсо Балхий, Мавлоно Абу Саид, Абдуллоҳ Имомий Исфаҳоний, Шайх Умар Мотрудий, Мавлоно Аҳмад Маска, Саййид Шариф Журжоний каби халифалар етиштирган.

Хожа Алоуддин Аттор ҳазратларининг сўзларидан намуналар:
-   Бу йўлга кира олмаганларнинг йўлини тўсаётган нарса уларнинг нафсларидир.
-   Инсонларнинг куллий илмга эриша олмаганликларининг сабаби, ўзларидаги жузъий илмдан ўта олмаётганликларидир. Буларни рўёбга чиқариш учун эса шариат соҳиби Муҳаммад алайҳиссаломнинг фармонларини адо этиб, Ҳақнинг хоҳишини нафс хоҳишидан устун қўйиш керак.
Ҳижрий 802 йилнинг Ражаб ойида вафот этган «Пешвойи халқ шайх Алоуддин Аттор ул-Бухорий рўпарий» сифати билан сифатланган Алоуддин Аттор ҳазратларидан сўнг сарҳалқа силсилани халифалари Хожа Яъқуб Чархий ҳазратлари давом эттирганлар .


ХОЖА УБАЙДУЛЛОҲ АҲРОР
(Аллоҳ сиррини муқаддас қилсин)

Туғилиши: Тошкент, Боғистон қишлоғи, ҳ.806/м.1404 й.
Вафоти: Самарқанд, Ургут тумани, Камонгарон қишлоғи, ҳ.893/м.1490 й.

Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор кўриниши хушсурат, бўйи узун, буғдойранг, соқоли узун ва оппоқ, битта-яримта қора ора-лаган, хушфеъл зот эдилар. Мурид ва талабаларига илму маърифати билан файзу саодат бахш этар, сермазмун суҳбатларига асло тўйиб бўлмасди. Зоҳирий ва ботиний илмларда билимдон бу зотнинг нуроний чеҳрасини кўрган киши беихтиёр дуо қилиб, ҳамду сано айтарди. Маънодор сўзлари ва айтган шеърлари тариқатда ҳужжат деб қабул қилинган Хожа Убайдуллоҳ Аҳрорнинг насл-насаби ҳазрати Умарга бориб туташади.
Асли исми Носируддин Убайдуллоҳ Шоший Самарқандий бўлиб, «Убайдуллоҳ Аҳрор» ёки «Хожа Аҳрор» (ҳурлар шайхи) номлари билан машҳур. Қалби дунёга боғлиқликдан ва икки олам қайғусидан фориғ бўлганлиги учун ҳам унга шундай лақаб беришган.
Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор ҳазратлари туғилган чоғларида оналари нифосдан покланиб, ғусл қилмагунларича сут эммаган экан. Болалигиданоқ шариат ва тариқат қоидаларига риоя қилар, бу йўлда маърифат ва ҳақиқат ҳолларига эришган зотларни ҳурмат қиларди. Замонасининг қутбларидан бўлган бобоси Умар Боғистоний вафотидан олдин набираларини чақиртириб, уларга насиҳат айтиб, ҳақларига дуои хайр қилади. Убайдуллоҳ Аҳрорга махсус таважжуҳ кўрсатиб, ётган жойидан қўзғалиб ўтиради ва уни қучоғига олиб, шундай дейди: «Ҳақ таоло менга хушхабарини берган мана шу набирам яқин кунларда шариат етакчиси, тариқат йўлбошчиси, маърифат маъдани, ҳақиқат пешвоси мақомларига эришиб, ўз даври ва келажакни порлоқ машъали билан мунаввар этгусидир. Хожагон йўлининг хусусияти зўрма-зўраки эмас, чин кўнгилдан Ҳаққа йўналмоқдир. Бу асосни билиб англамоқ Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратларининг силсиласига хосдир. Унинг йўлидагилар ўн бир қоидага биноан нафасларини муҳофаза этиб, тақвога ниҳоятда қаттиқ риоя этадилар».
Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор йигирма икки ёшида тоғаси Хожа Иброҳимнинг ташвиқи билан илм таҳсили учун Самарқандга йўл олади. Икки йиллик таълим таҳсили давомида ва ундан кейин Аҳрор замонасининг машойихидан Саъдуддин Кошғарий, Саййид Қосим Анвор Табризий, Низомиддин Хомуш, Хожа Сирожуддин Пири Чаштий, Мавлоно Ҳусомиддин Шоший, Хожа Алоуддин Ғиждувоний, Мавлоно Ҳусомиддин Порсо Балхий, Сирожиддин Кулол Пирмасий, Баҳоуддин Умар, Зайниддин Хавофий, Дарвиш Аҳмад каби етук мутасаввифларнинг хизматларини қилиб, илмий-маърифий суҳбатларидан баҳраманд бўлади.
Хожа Аҳрор бир кун тушида ҳазрати Исо алайҳиссаломни кўради. Бошқалар бу тушни табобат илмига таъбирласалар, Хожа Аҳрорнинг ўзи бу тушини ўлик қалбларни жонлантириш маъносида таъвил қилади.
Кечалари қабристонларни зиёрат қилар, улуғ авлиёларнинг, айниқса Абу Қаффол Шоший ва Шайх Хованд Таҳурнинг руҳониятидан файз оларди.
Маъно оламида Хожа Алоуддин Ғиждувоний каби муршиди комилдан иршод ҳуқуқи олди. Пири комил Яъқуб Чархий ҳузурида уч ой хизмат қилиб, сайру сулукини адо этади. Унинг изну ижозатини олгач, Бухоро ва атрофидаги шаҳарлардан Шоҳ Нақшбанд ҳазратларининг кўплаб халифалари суҳбатларига қатнашди, маънавий файзларга кўмилди. Йигирма тўққиз ёшида ватани Тошкентга қайтди.
Яъқуб Чархийнинг халифаси сифатида ўзидаги маънавий қудрат билан халқни иршод қилишга киришди, бир томондан ҳалол ризқ учун деҳқончилик қилди. Молу давлат соҳибига айланди. Беҳисоб закот ва ушрлар тўлади. «Фойдамиз эҳсонимиз туфайлидир», — дер эди.
Хожа Убайдуллоҳ Аҳрорнинг илму маърифати, файзли суҳбатлари барчани масту ҳайрон этарди. Мисол учун, робитаи муршид ҳақидаги қуйидаги байтини келтирайлик:
Саъй этиб, арбоби дил кўнглинда, эй дил айла ёр,
Ақли гайр андишагў! Кел, базми васли ёрга кел!
Зоҳирий узоқлик маънавий яқинликка монеълик қилмайди. Робита билан ҳар лаҳза бирга бўлиш мумкин:
Ёнингдан кетсам, меҳринг, эй жон, сийнадан кетмас,
Оёғинг тупроги ҳаққи, кўнгил савдони тарк этмас.
Парвардигорига тазарруъ ва ниёзда овозини баланд кўтарувчиларга: «Ёринг сенинг ёнингдадир, беҳуда фарёд айлама!» деса, басират ва фаросат ҳақида бундай дейди:
Одамни бир кўрмоқдир, қолгани пўст,
Кўрмоқ улдурким, кўргай дийдори дўст...
Номаҳрамга қарамаслик хусусида ўгит беради:
Ошиқ кўзининг посбонидир чаиши нигор,
Номаҳрам назардан сақла кўзинг эй дили зор .

Хожа Убайдуллоҳ Аҳрорнинг ҳикматли сўзларидан:

Ҳаддан зиёд очлик ва уйқусизлик димоғ-ақлни чарчатади. Ҳақиқатларни ва нозикликларни ядрок этишдан чалғитади. Шу учун риёзат аҳлининг кашфида хато воқеъ бўлиши мумкин... Фароғат ва сурур танга қувват берур. Меъёрида ухлаган одам димоғ-ақлини хатодан сақлайди... Ибодат - илоҳий фармонларни адо этиш, ўз ўрнида амал қилиш, қайтарганларидан сақланишдир... Убудият - Ҳақ таолога доимий таважжуҳ ва иқболдир... Инсоннинг яратилишидан мақсад - Аллоҳга бандаликдир. Бунинг моҳияти эса ҳар ҳолу корда Ҳақдан тазарруъ ва ҳузуъ сифати билан огоҳ бўлишдир.
Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор риёни ёқтирмасди. Ўзини гўё важду истиғроқ ҳолида кўрсатмоқчи бўлганларга: «Риёга берилманг, биздан риёсизларни талаб этишмоқда», — дер эди. Хилват жойларда маъсият содир этмоқчи бўлган муридларига руҳоний ҳиммат кўрсатиб, очиқ-ошкор огоҳлантирар эди. Бир кун номаҳрам аёлга қараган муридига: - Нима қиляпсан?» — дея ғойибдан нидо қилди. Кейин уни кўрганида: «Аллоҳнинг ёрдами бўлмаганида, нафсинг сени расво қиларди,—дейди. Бир кеча шароб ичмоқчи бўлган муридининг шишасини синдиради, кундуз учрашганида: «Агар у шиша синмаганида эди, бизнинг дилимиз синган бўлар ва бундай кейин бир-биримизни ҳеч қачон кўра олмасдик», — дейди. Шундан кейин мурид тавбаи насуҳ билан истиғфор қилади ва нажот топади.
Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор кўпинча таъкидлар эди: «Бу тариқати олияйи нақшбандия ҳақиқат йўлидир. Ҳақни ҳаққи билан идрок қилиш, унга тугал маънода имон келтириш, буйруқларига тобеъ бўлиш ва қайтариқларидан қайтиш йўлидир. Хоҳ хилватда, хоҳ жамоатда бўлсин, бу талабларга риоя қилиш керак. Ёлғиз қолганда айбу гуноҳ қилган ва маъсиятдан қайтмаган киши бу йўлга мансуб эмас. Гуноҳи кабира қилувчилар ҳақиқий исломиятдан йироқлашган бўлади. Йўлимиз соликлари бу нуқталарга қаттиқ эътибор берганлар. Имтиёз-рухсатлар билан эмас, эҳтиёт юзасидан амал қилганлар ва хавфу ражо орасида титраганлар. Бу йўлга ҳазил ва лоқайдлик билан ёки заррача бўлса-да ёмон майл билан муомала кўрсатилмайди. Яширин қилинган гуноҳни халқ кўрмаса, Холиқ кўради. Холиқ кўриб турганини билган мўмин гуноҳ қилолмайди. Холиқ кўрмаётир деб ўйласа, у мўмин эмас. Иффат, номус ва ҳаром мавзуларида мўминлар ҳар лаҳза ҳушёр бўлишлари керак. Киши ўзини, жуфтини, дўстини назорат қилмоғи даркор. Бирор нуқсон кўрса, насиҳат қилиши ва насиҳатини доим давом эттириши лозим. Насиҳатга амал қилмаса, ундан алоқасини узиш керак... Исломий асосларга ва бу тариқати олия одобига холисона риоят қилмасдан, Ҳақ сиррига, завқига ва тавфиқига эришолмаганларнинг абадий саодатдан насибалари йўқ. Бу йўл - ихлос, эҳсон, истиқомат ва адаб йўлидир».
Хожа Аҳрор Мовароуннаҳр ва Хуросоннинг кўп шаҳар ва қишлоқларини кезади, улуғ валий зотларнинг қабрларини зиёрат қилади.
Хожа Аҳрор бир куни тушида дин ривожига улкан ҳисса қўшганини кўради ва бу иш ҳукмдорларнинг ёрдамисиз амалга ошмаслигини идрок айлайди. Шу мақсадда Мирзо Абдуллоҳ билан учрашмоқчи бўлади, лекин муваффақ бўлолмайди. Ундан кейин тахтга чиққан султон Абу Саид 1432 йил Хожа Аҳрорни Тошкентдан Самарқандга олиб келиб жойлаштиради.
Манқабавий ривоятда келтирилишича, усмонли подшоҳи Фотиҳ Султон Муҳаммад (1451-1481) душман қўшини билан уришаётганда, оқ от минган Хожа Аҳрор жанг майдонида пайдо бўлиб, усмонли лашкарига ёрдам қўлини чўзиб, уларнинг ғалаба қозонишларига муҳим ҳисса қўшган экан. Шундан кейин ғолиб Фотиҳ Султон Хожа Аҳрорга ҳадя сифатида пул жўнатибди. Хожа Аҳрор бу пулни Қарши кўпригини қуришга сарфлаган экан. Бу воқеа Хожа Аҳрорнинг нафақат Ўрта Осиё ҳудудида, балки Кичик Осиё ярим ороли минтақасида ҳам қутб ул-авлиё сифатида машҳур бўлганлигини кўрсатади.
Хожа Аҳрор Мовароуннаҳр ва Хуросон ҳукмдори Абу Саиддан халқни оғир аҳволга солувчи ва шариатга мувофиқ келмайдиган «тамға» деган савдо солиғини бекор қилишини сўрайди. Абу Саид халқ ва салтанатда катта обрў эгаси бўлган Хожа Аҳрорнинг сўзини икки қилмайди.
Умуман, Хожа Аҳрор ҳукмдорлар доирасида обрў-эътибор ва ишонч қозонган эди. Бунинг сабабларидан бири, Хожа Аҳрор ўзининг одилона маслаҳатлари, сулҳга ундовчи мактублари орқали шаҳзода ва мирзоларни яраштириб, мамлакатдаги кўпгина қонли урушлар, ички зиддият ва низоларнинг олдини ола билганлиги эди. Шу боис бўлса керак, баъзи ҳукмдорлар, хусусан, Абу Саид ва унинг фарзандлари Султон Аҳмад ва Умар Шайх Мирзолар Хожа Аҳрорнинг этагини тутган эдилар. Унинг эзгу маслаҳатларига юрмаганлар эса, албатта Худонинг ғазабига ва халқнинг қарғишига учрар эдилар.
Шохруҳияни қамал қилиб, теварагини талон-торож этган бир неча минг кишилик мўғул лашкари Хожа Аҳрорнинг даъвати билан мусулмон бўлиб, таланган мол-мулкни эгаларига қайтаради.
Минтақада тинчлик-хотиржамликни сақлашда фаол бўлгани учун Хожа Аҳрор ҳаж сафарига бориш учун имкон тополмайди.
Подшоҳлар билан яқин муносабат қурганлигининг сабабини халқни ҳукмдорларнинг зулмидан ҳимоя қилишдир, дея изоҳларди.
Хожа Аҳрорнинг тарихий хизматлари асосан шундан иборатки, у халқ, мамлакат, дин ва юрт равнақи учун илму маърифати, жонию моли билан хизмат қилган йирик тарихий ШАХСдир.
Хожа Убайдуллоҳ Аҳрори валийдан бизга қадар унинг қаламига мансуб «Фиқарот», «Рисолаи ҳавроия», «Рисолаи волидия», «Руқаот» («Мурасалот») каби асарлари етиб келган.
Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор ҳақида кўплаб асарларда маълумотлар мавжуд. Уларнинг кўпи халифалари ва муридлари томонидан битилган. Мир Абдулаввалнинг «Масмуот», Муҳаммад Қози Самарқандийнинг «Силсилат ул-орифин ва тазкират ус-сиддиқин», Фахриддин Али Сафийнинг Хожа Аҳрорга махсус бағишлаб ёзган «Рашаҳот айн ул-ҳаёт», Мавлоно Шайхнинг «Маноқиби Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор», Муҳаммад Амин Каркийнинг «Малфузоти Аҳрор» каби асарлари шулар жумласидандир.
XVI асрда яшаб ижод этган яссавий шайхи ва адиби Султон Аҳмад Ҳазиний ўзининг «Жавоҳир ул-аброр» асарида бошқа кўплаб машойихлар қатори, Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор таърифига ҳам алоҳида тўхталади. Унинг ёзишича, Хожа Аҳрор Ҳисор элида Яъқуб Чархийдан сайру сулук сиррини ўрганган бекаму кўст ой бўлиб, нақшбандийлик сулуки у билан ривож топди. Унинг силсиладаги нисбати туфайли хафий зикрнинг қиймати янада ортди. Хожа Аҳрорнинг (тариқатдаги) нақши нақшбанд(ийлар)нинг йўли бўлди.
Шунингдек, муаллиф зикри аррадан бошқа тариқат вакиллари қатори, Хожа Аҳрорнинг ҳам бу зикр турига ошуфта бўлиб қолганлигини ҳикоя қилади: «Аллоҳу зулжалол булбулларининг билувчиси, Ҳаққа восил бўлиш боғининг Хожа Аҳрори, (яссавий шайхи) Иқонийга дедики: «Бир булбул каби биз учун кўнгилдан арра зикри бажо айла!» Иқоний бу арра зикрини бошлаганда Хожа Аҳрор дедики: «Кўнглимизни ёндирдинг, бу зикр оташи билан жонимизни ёқдинг». Хожа Аҳрорнинг бу самимий эътирофидан илҳомланган муаллиф ёзади: «(Дарҳақиқат), бу оташдек зикр тупроқдан оламни юксалтди. Унинг само садоси ва чақмоғи то Арш устига етиб борди. Ҳақ зикрининг сиррини фақат кўнгил аҳли ва ўтган зикрларнинг дарсларини ўқиганлар билади. Кўнглида бу самоъ (жўшқинлик) бўлмаган ҳар ким арра зикрининг нималигини қаердан билсин?»
«Жавоҳир ул-аброр»дан ўрин олган Хожа Аҳрорнинг: «Ҳар тонг ва шомда қулоғимга Занги отанинг мозори тупроғидан «Аллоҳ» зикри-фарёдининг самога юксалиши эшитилади» каби сўзлари, шунингдек, унинг яссавия издоши Шайх Ходим билан дўст тутиниб, кеча-кундуз у билан бирга бўлганлиги ҳақидаги маълумотлар Хожа Аҳрорнинг яссавий шайхлари билан нечоғли самимий ва дўстона муносабатда бўлганлигини кўрсатади.
Хожа Аҳрор Исломнинг амр ва таъқиқларйга ниҳоят даражада қаттиқ риоя қиладиган сўфий эди. «Тасаввуф йўлида илгарилаш фақат Қуръон ва суннатта амал қилиш орқалигина рўёбга чиқади» деган мустаҳкам эътиқодга эга эди. Хожагон йўли шариат рухсат берган имтиёзлар эмас, балки ҳиммат кўрсатиб азимат қилиш ва тақво йўли эканини таъкидларди.
Хожа Аҳрор одамларга, айниқса, фақиру ҳақирларга ёрдам беришни севадиган, қўли очиқ, саховатли инсон эди. Ёшлигида беморларга қарар, уларнинг юқумли касалликлари юқса ҳам хизматини асло тўхтатмас эди. Ҳиротга келган чоғида «Инсонларга хизмат қилиб, кўнглини олиш, муҳаббатини қозониш нафл ибодатлардан афзал», деган фикрда эди. Халқ манфаати учун вақф асарлар ёзиб, ўз даромади ҳисобидан масжиду мадрасалар, йўл ва кўприклар қурдирган эди. Энг ажабланарлиси, давлат томонидан меҳнаткаш халққа солинган солиқларни ортиғи билан давлат хазинасига тўлар эди.
Хожа Аҳрор тасаввуф ҳақиқатини теран идрок этувчи, ҳақпараст бир ориф зот эканлиги учун ҳам: «Тасаввуф аҳлининг сўзларини гўзал баён этувчи бир ғайридин Хитойда бўлса ҳам албатта бориб унинг суҳбатини эшитган бўлардим», — деб айтган.
Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор ҳазратлари Самарқанднинг ҳозирги Ургут туманидаги Камонгарон қишлоғида ҳижрий 895, милодий 1490 йил, раби ул-аввал ойининг йигирма тўққизинчи куни узоқ давом этган хасталик сабабли 86 ёшда вафот этдилар. Хожа Кафшир (Кафший) маҳалласига дафн этилдилар.
Силсилада омонатни Яъқуб Чархий ҳазратларидан олган, руҳоний жиҳатдан Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний, Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ва Хожа Алоуддин Аттор ҳазаротларидан файз олган Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор ҳазратлари Муҳаммад Зоҳид, Муҳаммад Абдуллоҳ Хожагий (ўғли), Муҳаммад Қози каби халифаларига ижозат берган, Мир Абдулаввал, Фахриддин Али ибн Ҳусайн, Мавлоно Шайх, Саййид Али Курдий Мақтул, Исмоил Ширвоний Мавлонозода Ўтрорий, Исойи Фозил Бухорий, Шайх Ахто каби илғор муридларни тарбиялаган. Сарҳалқа силсилани Муҳаммад Зоҳид  давом эттирганлар. У киши эса сарҳалқа силсилада халифалик ижозатини Дарвеш Муҳаммадга топширганлар.


ДАРВЕШ МУҲАММАД
(Аллоҳ сиррини муқаддас қилсин)

Туғилиши: ?
Вафоти:Дасфарор (Асфироз) , ҳ.970/м.1562.

Шамоили: ўрта бўйли, гўзал юзли, буғдойранг, оқ соқолли, қад-қомати келишган ва мутаносиб эди. Зоҳирий ва ботиний илмларда мукаммал, валий зот, муридларни тарбия ва иршод қилишда фавқулодда бир малака эгаси бўлган. Ҳамма тушунадиган тидда гаплашар, савиясига кўра муо-мала қилар, фазилатларини аниқлаб, қобилиятларини ривожлантириш ва юзага чиқаришда маҳоратли, бу хусусда улуғ бир фазилатга соҳиб эди. Жазба ва истиғроқи саҳву тамкинига ғолиб, пинҳона юришни истаган бир кўнгил эрани эди. Шунинг учун Мавлоно Дарвеш Муҳаммад дея тилга олинарди.
Хожа Убайдуллоҳ Аҳрорнинг халифаси Муҳаммад Зоҳиднинг жияни бўлган Дарвиш Муҳаммаднинг насли-насаби ҳазрати Умарга бориб тақалади.
Ёшлигида ўн беш йилини зуҳд ва риёзат билан ўтказди. Деҳқончилик билан шуғулланди. Оч ва бедор ҳолда харобаларда зикр ва фикр билан машғул бўлди. Бир куни оч қолиб, юзини чорасиз самога қаратди. Дарҳол Хизр алайҳиссалом келди: «Агар сабр ва қаноат истасанг, Хожа Муҳаммад Зоҳид ҳазратларининг хизматига югур, сенга таълим беради», — деди. Дарвеш Муҳаммад дарҳол тоғаси Хожа Муҳаммад Зоҳид ҳазратларининг ҳузурига бориб, унинг хизматига киради. Сайру сулукини тамомлаб, халифаларининг буюкларидан бўлди.
Диний билимларни пухта эгаллаган Дарвиш Муҳаммад илми толибларга Қуръон ва ҳадис илмларидан ҳамда бо-шқа диний аҳкомлардан дарс беради. Ривоят қилинишича, кубравия шайхларидан Нуриддин Муҳаммад Хофий Шаҳрисабзга ташриф буюрганида, Дарвиш Муҳаммад унинг зиёратига боради. Шайх Нуриддин муроқаба орқали Дарвиш Муҳаммаднинг маънавий аҳволидан бохабар бўлиб, унинг буюк муршидлигини англайди ва маҳаллий аҳолига ундан унумли фойдаланишларини тавсия этади. Шу воқеадан кейин Дарвиш Муҳаммаднинг обрў-эътибори ортиб, атрофида суҳбат ҳалқалари ташкил бўла бошлайди.
Дарвиш Муҳаммад яна бир кубравий шайхи Камолиддин Ҳусайн Хоразмий (вафоти 1551 йил) билан учрашгани нақл қилинади. Кўплаб олимлар қатори, Шайх Амир Али Азизон Ҳиразий (вафоти 1601-1602 йил) деган нақшбандий шайхи ҳам Дарвиш Муҳаммад суҳбатларидан файз олади.
«Рисола дар сулук», «Рисолаи ҳуш дар дам» каби асарлар Дарвиш Муҳаммадга нисбат берилади. Дарвиш Муҳаммад ваҳдати вужуд таълимоти асосчиси Муҳйиддин ибн Ара-бийнинг тасаввуфий-фалсафий фикр-қарашларидан чуқур таъсирланган ва шу таъсир натижаси ўлароқ, бу мавзуда бир рисола ёзган деган қараш бор.
«Хожагон сардафтари» дея номланган Мавлоно Дарвеш Муҳаммад ўзидан кейин фарзанди аржумандлари Хожаги Муҳаммад Эмканагий ҳазратларига, шунингдек, Хожа Мирак Гунбади Сабзий, Хожа Муҳаммад Ризо, Мавлоно Шер Муҳаммад, Шайх Салотий каби етук халифаларига иршод бериб, шайхлик қилишга ижозат берганлар.


ХОЖАГИЙ МУҲАММАД ЭМКАНАГИЙ
(Аллоҳ сиррини муқаддас қилсин)

Тугилиши: Қашқадарё  (Эмканак), 918 ҳ./1512 м.
Вафоти: Қашқадарё (Китоб тумани, Эмканак кишлоғи), 1008 ҳ./1600 м

Шамоили: қорамағиз (буғдойранг), юзи нурли, сийрак соқолли, денгиздек файзга тўла эди. Отаси Дарвеш Муҳаммад ҳазратларининг бош халифаси бўлиб, обид, зоҳид ва кароматлари кўп эди. Сиррини яширарди. Зоҳирий ва ботиний илмлардан таълимни Самарқанд ва Бухорода олди, тасаввуфий тарбияни отаси Дарвеш Муҳаммад ҳазратларидан ўрганди. Отасининг вафотидан кейин унингхалифаси сифатида халкни иршод қила бошлади. Ўша давр ҳукмдорларидан Абдуллахон билан яқин муносабатда бўлган. Ривоят қилинишича, Абдуллахон бир туш кўради. Эмишки, у ҳазрати пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурига боради, остонада бир муҳтарам зот ичкарига кириб-чиқар, ташқаридагиларнинг аҳволини пайғамбарга етказар, у кишидан хабар келтирар эди. Бир муддат ўтгач, бу зот ҳазрат пайғамбар бериб юборган бир қилични олиб чиқиб Абдуллахоннинг белига боғлайди. Хон уйғонгач, бу зотни излашга тушади ва ниҳоят қидириб топади. У зот - Хожагий Эмканагий эди.
Ривоят қилинишича, Хожагий Эмканагийнинг одилона маслаҳатига кирмаган сўнгги шайбоний ҳукмдори Пирмуҳаммад Самарқанд тахти учун бўлган бир урушда енгилади ва ўлдирилади. Бу ривоятлардан маълум бўлишича, Хожагий Эмканагий ўша даврда бошқа маҳаллий ҳукмдорлар билан ҳам яқин муносабатда бўлган, уларни тўғри йўлга солиб турган.
Нақл қилинишича, уч нафар мадраса толиблари Хожагий Эмканагийни зиёрат қилиш учун йўлга отланадилар. Шайхнинг каромотини синамоқ учун учаласи уч хил нарсани шайх томонидан рўёбга чиқарилишини ният қиладилар. Хожагий Эмканагийнинг ҳузурига келганларида, улардан иккитасининг шаръий истаклари амалга ошганини, лекин учинчиси орзу қилган ношаръий талабнинг рўёбга чиқмаганини кўришади. Шунда Хожагий Эмканагий: «Дарвишлар маънавий ҳол ва кароматларга диний қонун-қоидаларга амал қилганликлари учун эришганлар. Улардан ношаръий нарсани талаб қилмаслик керак. Шариатга мувофиқ бўлса ҳам имтиҳон қилиш мақсадида уларнинг ҳузурига бориш асло тўғри эмас», — дейди ва бу билан шариат қоидаларига қаттиқ риоя қилишини исботлайди.
Махдуми Аъзам Аҳмад Косонийнинг суҳбатларида ҳам қатнашганлиги нақл этилган Хожагий Эмканагий ўз илмий мажлисларини масжидда ўтказарди. Айниқса, ҳадис дарсларига алоҳида эътибор берарди. Меҳмондўст, тақводор зот эди. Инсонлардан ҳолини яширар, Ҳақни, ҳақиқатни соғинар, доимий равишда нафсини назорат қилар, маърифатуллоҳ сирларини кашф этишга ҳаракат қиларди.
Иши ва ҳаёти жуда тартибли, онадан туғма дарвеш эди. Ёнидагилар унинг соясида файзга ғарқ бўлишарди. Ҳижрий 1008 йили Эмканакда вафот этган. Қабри шу қишлоқда улуғ зиёратгоҳга айлантирилган.
Асли румлик бўлган Ҳожи Хайриддин Румий Хожагий Эмканагийни тушида кўриб, Румдан Мовароуннаҳрга келади ва Эмканагийнинг суҳбатларида камол топиб, ундан халифалик изни олгач, юртига қайтади ва халқини иршод қилади.
Хожагий Эмканагий халифаси Муҳаммад Боқийга: «Ҳиндистондан бир имом зуҳур этажак ва асрнинг маънавий пешвоси бўлажак. Ҳақ таоло сен орқали унга ўз эшикларини очажак. Дарҳол унинг олдига бор. Чунки аҳлуллоҳ унинг келишига мунтазирлар», — дейди. Муҳаммад Боқий ҳамон Ҳиндистонга йўл олади. Ҳақиқатан, кейинги минг йилликда динни янгиловчи (мужаддид) бўлган Муҳаммад Форуқ (Имом Раббоний) унга мурид бўлади ва ислом тасаввуф оламида улкан нуфузга эга бўлади.
«Пуркарам» дея сифатланган Хожагий Муҳаммад Эмканагий ўзидан кейин Хожа Муҳаммад Боқи (Боқибиллоҳ), Хожа Абулқосим (ёки Муҳаммад Қосим) (ўғли), Муҳаммад Собир, Хожа Аҳмад, Муҳаммад Саъид, Ҳожи Абдулазиз, Ҳожи Хайриддин Румий, Мавлоно Сўфий Алиободий, Хожа Латиф Кандибодомий, Муҳаммад Фозил Бадахший, Яъқуб Сарфий Кашмирий каби халифаларига иршод бериб, шайхлик қилишга ижозат берганлар. Эмканагий ҳазратларидан сўнг сарҳалқа силсилани Муҳаммад Боқибиллоҳ ҳазратлари давом эттирганлар. Бу зот Имоми Раббонийни етиштириб, у кишига иршод ижозати берганлар. Имоми Раббонийдан сўнг ҳам бу «силсилаи олияи нақшбандия» Аллоҳга шукрки, ўз эгалари томонидан бизнинг давримизга қадар давом этиб келаётир. Ўйлаймиз ва ишонамизки, иншааллоҳ, бу силсилаи шариф қиёматга қадар давом этади ва инсони-ятни ҳақиқат йўлига, суннат йўлига даъват этишда давом этади. Аллоҳ бизларни ҳам шу азиз ва пок инсонлар изидан боришга муваффақ айласин.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ

1. Абдураҳмон Жомий. Нафаҳот ул-унс мин ҳазарот ил-қудс. Маҳмуд Обидий нашри, Теҳрон, 1375.
2. Алишер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами. Йигирма жилдлик. Ўн еттинчи жилд, Насойим ул-муҳаббат. Тошкент, 2001.
3. Абдулхолиқ Ғиждувоний. Мақомоти Юсуф Ҳамадоний, ЎзР ФАШИ, N 2533, 20-37 в.
4. Али ибн Ҳусайн Сафий. Рашаҳот айн ул-ҳаёт. Орифжонов литографияси, Тошкент, 1329.
5. Камолиддин Афанди Ҳаририйзода. Тибёну васоилил-ҳақойиқ фи баёни салосилит-тароиқ. Сулаймония кутубхонаси. N 430/1.
6. Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Асъад Бухорий. Маслак ул-орифин. ЎзР ФАШИ, N4810-11.
7. Абул Муҳсин Муҳаммад Бокир ибн Муҳаммад Али. Баҳоуддин Бало-гардон. М. Ҳасаний таржимаси. Тошкент, 1993.
8. Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний. Васиятнома. Тошкент, 1993.
9. Дурдона. Мир Кулол ва Шоҳи Нақшбанд мақоматлари. Т., 1993.
10. Хожаи Жаҳон — Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний. Тошкент, 1994.
11. Хожа Муҳаммад Ориф ар-Ревгарий. Орифнома. Тошкент, 1994.
12. Фаридиддин Аттор. Тазкират ул авлиё. Теҳрон, 1376 ҳ.ш.
13. Ҳусайн Вассоф. Сафинат ул-авлиё. I-II жилдлар. Истанбул, 1990.
14. Наждат Тўсун. Баҳоуддин Нақшбанд: ҳаёти, қарашлари, тариқати. Истанбул, 2002.
15. Авлиёлар энциклопедияси. 12 жилдлик. Истанбул, 1992.
16. Абу Нуайм ал-Исфаҳоний. Ҳилят ул-авлиё. Ибн ул-Жавзий. Сифат ус-сафва (Саҳобадан кунимизгача Аллоҳ дўстлари). Истанбул, 1996.
17. Муҳаммад бин Абдуллоҳ ал-Ховий. Одоб. Истанбул, 1995.
18. Ҳаёт недир? (Рутбат ул-ҳаёт) Аҳмад Яссавийнинг устози Хожа Юсуф Ҳамадоний. Таржимон Наждат Тўсун. Истанбул, 1998.
19. Табақат ул-Кубро (Авлиё манқабалари) 4 жилдлик. Истанбул, 1985.

 
ХОЖА ЮСУФ ҲАМАДОНИЙ

ОДОБИ ТАРИҚАТ

(Комил) бир шайх билан бевосита суҳбатдан маҳрум бўлган мурид (Ҳақ йўл толиби) ҳар куни авлиёуллоҳ тоифаси (Худонинг дўстлари) сўзларидан саккиз варақ (ўн олти бет) мутолаа этиши керак. Бу сўзлар таъсирида муриднинг кўнгли жонланади. Шунга биноан мурид (солик) ўз йўли (сулуки)ни ва йўналишини қуйидаги тўрт асосга кўра белгилаши, бино қилиши лозим:
Биринчи асос нафс риёзатидирки, тафсилоти узун бўлса ҳам қисқача таърифлаб ўтамиз: инсон шаҳват, яъни дунёвий орзу-истаги ўлчовида эмас, балки ҳожат доирасида ейиши, ичиши, кийиниши керак. Агар бир кеча-кундузда бир марта таом ейиш кифоя қилса, икки марта ейиши керак эмас. Агар бир марта озгина ейиш кифоя қилса, тўйиб емаслиги лозим. Модомики, очлик оғир бир машаққат экан, мурид ҳаётини очлик асосига қуриши керак эмас. У ҳолдан тойиши ва нобуд бўлиши мумкин. То нафс машаққатларга мослашмаса, шайтон ундан йироқлашмайди. Дунё хаёли кўз ўнгидан кетмаса ва шаҳвати ўлмаса, мақсадга (Ҳақ ризосига) эришолмайди. То узоқ муддат очликни ўзига одат ва касб қилиб олмаса, албатта бу асрор ва маънавий ҳоллар қўлга киритилмайди.
Риёзатнинг яна бир кўриниши узлат бўлиб, унинг ҳам бир қанча шартлари мавжуд. Албатта, бу шартларни ушбу мўъжаз рисоламизда бирма-бир шарҳлай олмаймиз. Хилват ва узлат тариқатнинг муборак бир асосларидан бўлиб, унинг натижаларидан бири кўнгил ва зеҳннинг муҳофаза этилишидир. Яъни, кўнгилни (ҳар турли иллатлардан) авайлаб-асраш ва зеҳнни соғлом ақл-идрокда тутиш фақатгина хилват билангина амалга ошади.
Риёзатнинг бошқа бир тури эса кам ухлашдир. Кўп уйқу умрни зоеъ этади, баданни бўшаштиради, иш унуми ва иштиёқини йўқотади. Имом Ғаззолий бу ҳақда ёзадилар: «Киши бир кунда саккиз соатдан ортиқ ухламаслиги керак. Акс ҳолда инсон умрининг учдан бирини йўқотган бўлади». Азиз умрнинг учдан бирини зоеъ қилиш ҳоллари ҳаётимизда кўп учрайди. Ейиш ва ухлаш ўз шартига мувофиқ бўлса, зиёни кам бўлади. Уларнинг шарту даражалари кўпдир. Биринчиси, мурид қорни очиб, эҳтиёж сезганида, таҳоратли ҳолда ва яқинлари билан биргаликда овқатланиши керак. Оғзига луқмани кичикроқ олиши, очарчиликда қолгандек (шоша-пиша) овқатланмаслиги лозим. Албатта, суннатга мувофиқ аввало қўл-оғзини чайқаши, бировнинг луқмасини емаслиги, «бисмиллоҳ» деб ейиши ва неъмат шукронасини бажо келтириши керак.
Уйқуга келсак, таҳоратли ҳолда ётиши лозим, қорни тўқ ухламаслиги, пайғамбаримиз ва саҳобалардан нақл этилган дуоларни ўқиб, саловот айтиб, Аллоҳни зикр қилган ҳолда уйқуга кетилади. Уйғониб ўрнидан турганида, биринчи, Худони зикр қилиши, иккинчи, таҳорат олиши, учинчи, намозга ғайрат кўрсатиши, кун чиққунга қадар ухлаб қолмаслиги керак.
Иккинчи асос — луқманинг ва хирқанинг ҳалол бўлиши. Чунки ҳаром луқма туфайли қалбда нур ҳосил бўлмайди. Ҳаром либос билан эса ибодат завқини тотиб бўлмайди.
Шайх Жунайд Бағдодий (Аллоҳ сиррини муқаддас қилсин) ҳазратлари бу ҳақда: «Ейиш-ичиш ва турар жой пок бўлса, бошқа барча ишлар тузалади», дейдилар. Бундай дейишларига сабаб, Ҳақ йўлининг муриди ва охират сафарининг солики кўп дунёвий ишлардан фориғ бўлиб, оз нарса билан кифояланади. Ҳар бир инсон қуйидаги уч нарсани тўғри йўлга қўйиши зарур: хирқа, луқма ва маскан. Буларнинг учаласи ҳам пок ва ҳалол бўлган тақдирда, кишининг барча ишлари ривож топади. Ҳаром ва маъсиятлардан эҳтиёт бўлиш ва парҳез қилиш вожибдир. Ҳаромхўр ва фосиқлардан йироқлашиш лозим. Тўғри йўлга кирмаган, сенинг йўлингда бўлмаган кишилар суҳбатидан узоқлашишинг керак. Соликни фосиқ-фожирларнинг суҳбатидек бошқа бирор нарса йўлдан адаштирмайди. Бу маъно зоҳир, мушоҳада қилинган ва аниқдир. Дин ва шариат йўлида юрмаган киши бир кунда минглаб ғайриодатий ҳолатлар содир этса ҳам у шайтонга эргашган ҳисобланади. Суннатга хилоф нарсага эътиқод қўйган одам дунёнинг илмини ёд олган бўлишига қарамай, у йўлтўсар қароқчи ҳисобланади.
Учинчи асос мужоҳада бўлиб, у шайтон, дунё ва ёмонликка буюрувчи нафс сингари ботиний душманларга қарши мужоҳада қилмоқ - курашмоқдир. Шуни билгинки, нафс, шайтон ва дунё - дин йўлидан оздириш учун банданинг ирода ва ихтиёр йўлига ғов бўлиб ўтириб олишган. Шайтон васваса қилиб, гуноҳ ишлар қилишга даъват этади, нафс ҳийла-найранг орқали фисқу фасодга чақиради. Дунё эса кўз олдингда ўзига оро бериб, жилваланади, ўзига хизмат қилишга чорлайди. Мужоҳада сенинг ихтиёр ва ироданг ўрин олган кўнгил дарвозасига ўтириб, муроқабага даъват қилади. Қалбга келган фикр-хотиралар агар гуноҳ бўлса, шайтондан келаётганини англаб, уни даф қилишга машғул бўлади, яъни, садоқат ва ҳузур билан Аллоҳнинг даргоҳига илтижо қилади. Банда Аллоҳ таолонинг даргоҳидан мадад сўрашни ўзига қалқон қилиб, шайтонга қарши туради. Шу йўл билан инсон гуноҳ қилишдан сақланади ва шайтон даф бўлади. Агар қалбга келаётган фикр нафсоний роҳат ва истаклардан иборат шаҳвоний хотира бўлса, Аллоҳ таолонинг ҳузурига сиғиниб, оч қолиш, кечаси ибодат қилиш, хайрли бир сафарга яёв чиқиш ёки халқ орасида ўзини маломат қилувчи, омманинг нафратига сазовор этувчи бир иш содир этадики, бу орқали нафсига ор, нафрат ва маломат келтиради. Зеро, душманни бир марта енгиб, қуролини қўлидан тортиб олдингми, энди у билан курашиш осон кечади.
Орифлар султони Боязид Бастомий ҳазратларидан: «Аллоҳ таоло бу йўлда бошингизга солган энг катта бало қандай эди?», — деб сўрашди. «Айтсам, эшитишга тоқат қилолмайсизлар», — дея жавоб берди у. «Ҳеч бўлмаса, энг кичик бало қандай эди?»—деб такрор сўралди. У яна: «Эшитишга тоқат қилолмайсизлар», — деди. Яна: «Сизнинг ўзингизга етказган энг кичик бало нима эди?» — деб сўраганларида, ниҳоят: «Нафсимни бўйсундиришга ҳаракат қилдим, бўйсунмади. Мен эса бир йил мобайнида унинг айтганларини қилмай қўйдим», —деди. Демак, улуғ машойихлар айттанларки, «Агар бир юз йигирма тўрт минг пайғамбарни ўз нафсингга шафеъ келтирсанг-у, ўзингдан астойдил бирон-бир ҳаракат бўлмаса, ҳеч фойдаси йўқ. Билгинки, нафсингни оч-наҳор ва яланғоч ташлаб қўйсанг, барча хоҳишларинг амалга ошаверади».
Хуллас, шариат йўлида юришнинг усули - шайтонга мухолифат айлаш билан бирга, кўп тоат ва гўзал ибодат қилишдир. Охират йўли шайтонга қарши курашиш орқали ойдинлашади. Қурб — Аллоҳга яқинлик мақомига эришиш, каромат — Ҳақнинг икромига ноил бўлиш, маърифат — Унинг сифатлари ва зотининг ҳақиқатларига етиш, жамолу жалолини мушоҳада этиш, сирлари ва нурларининг тажаллисини кашф этиш - буларнинг барчаси нафсга мухолифат қилиш орқали рўёбга чиқади. Хулоса қилиб айтганда, дунё - охиратнинг пардаси, шайтон- шариатнинг пардаси, инсоннинг борлиғи эса ҳақиқатнинг пардасидир. Инсон дунёни тарк этишга ҳаракат қилса, яъни дунёвий орзу-ҳавасларни кўнглидан чиқаришга интилса, унга албатта охиратнинг жамоли кўринади. Нафсни синдириш, тизгинлаш учун курашса, унинг истакларига мухолифатда бўлса, албатта, Зулжалол (Аллоҳ)нинг зоти ва сифатларини мушоҳада этиш намоён бўлади. Шайтон васвасасидан ҳазар қилиб, ўзларини маъсиятдан ва Аллоҳга мухолифатда бўлишдан сақланганликлари учун мазҳаб арбоблари, уламолар ва ўтмиш солиҳ зотларга минглаб ҳақиқат эшиклари ва маъною шарҳлар кенг очилган. Дин усули ва фуруъи (қоидалари)да инсонлар шундай буюклар соясида: «Бизнинг (йўлимиз)да жиҳод қилган — курашган зотларни албатта Ўз йўлларимизга ҳидоят қилурмиз. Аниқки, Аллоҳ чиройли амал қилгувчи зотлар билан биргадир» (Анкабут сураси, 69-оят) маърифатига ноил бўлишган.
Инсон қалбида юзага келган фикр-тушунчалар тўрт хил бўлади: шайтоний васваса, нафс ҳийласи, дунё севгиси билан таскин топиш ва Аллоҳ таолонинг амри билан фариштадан келадиган илҳом. Бу туйғуларни фақатгина қалб нури орқали билиш ва улар орасидаги тафовутни фарқлаш мумкин. Кўнгил нури эса фақат Аллоҳни зикр қилиш билангина ҳосил бўлади. Чунончи, Аллоҳ таоло буюради: «Улар Аллоҳ зикр қилинганида диллари қўрқувга тушадиган, ўзларига етган балоларга сабр-тоқат қиладиган... зотлардир» (Ҳаж сураси, 35-оят).
Тўртинчи асос - зикр. Шуни билгинки, ибодат, тақво, риёзат ва мужоҳада сингари бир қанча йўллар бўлса-да, аммо Жаноби Ҳақни зикр қилмагунча ҳақиқат йўли очилмайди. Хожа Абу Али Даққоқ: «Зикр валийликнинг билагузугидир» демиш. Шу боис зикр мақомига эришганлар учун валийлик даражаси эҳсон этилди, зикрдан йироқлашганларни эса валийликдан маҳрум қилдилар. Ҳақиқий зикр қалб билан бўлади. Қалб зикрига муяссар бўлган солик фарз ва суннатлардан ташқари қолган вақтини зикрдан бошқа нарса билан ўтказмаслиги керак. Аллоҳ таолони кўплаб исмлари билан зикр қилиш мумкин бўлса-да, исмларининг султони «Аллоҳ»дир. Бундай кейин эса Ҳақнинг қуйидаги тўрт сара исмлари бор: «Субҳаналлоҳ», «Алҳамдулиллаҳ», «Ла илаҳа илаллоҳ» ва «Аллоҳу акбар». «Субҳаналлоҳ» Аллоҳ таолони тасбеҳ этиш — поклаш, «Алҳамдулиллаҳ» таҳмид — Унга ҳамд айтиш, «Ла илаҳа иллаллоҳ» тавҳид — Унинг ягоналигини эътироф этиш, «Аллоҳу акбар» эса такбир — Уни улуғлашдир. Бу калималардан қайси бирини танлаб зикр қилинса ҳам аълодир. Аммо соликларнинг кўпи «Ла илаҳа иллаллоҳ»ни ихтиёр этишган. Чунки кишини мосиво — дунёвий алоқа ва тўсиқлардан халос айлаб, ҳақиқат ва тариқатларга етказадиган, ўртадан пардани кўтарадиган калима ҳам шу. Шундай экан, солик бир кеча-кундузда бир неча муайян соатда уйда танҳо ўтириб, таҳоратли ҳолда, покиза либос кийиб, таъзим ва ҳурмат билан қиблага юзланиб, кўзларини юмади ва «Ла илаҳа иллаллоҳ»ни мадд (чўзиқ унли ҳарф)ларини чўзиб ўқийди, ботинини назорат остига олади. Кўнгилга келадиган Ҳақдан ташқари ҳар қандай ўткинчи фикр, хаёл ва ҳою ҳавасларни мана шу калима (зикр усули) билан йироқлаштиради. Натижада, у қалбда Аллоҳ мушоҳада этилади. Бу калимани доимий такрорлаш билан унинг ҳақиқати шу қадар аён бўладики, бу ҳақда Қуръони каримда айтилади: «Улар турганда ҳам, ўтирганда ҳам, ётганда ҳам Аллоҳни эслайдилар» (Оли Имрон сураси, 191-оят). Ушбу оятда буюрилганидек, доимий зикр туфайли солик ўнгидан парда, зулмат ва хаёллар кўтарилади, Аллоҳнинг лутф булути уни қамраб олади, фазилат ёмғири ёға бошлайди, латофат ва саодат шамоли эсади. Ана шунда баъзи сирлар намоён бўлади, баъзи латоиф садолари эшитилади. Сўз билан тушунтириб, изоҳлаб бўлмайдиган баъзи илоҳий лаззатларнинг мазаси тотилади. Айттанларидек, байт:
Ишқинг туфайли пайдо бўлган ул дардни,
Ҳис қилиш мумкин-у, ҳеч англатиб бўлмас...

 
ХОЖА ЮСУФ ҲАМАДОНИЙ

ИНСОН ВА КОИНОТ ҲАҚИДА РИСОЛА

Буюк олим шайх ул-ислом Абу Яъқуб Юсуф ибн Айюб ал-Ҳамадоний шундай дедилар: Ожиз ва муҳтожликларини кўрсатиш учун махлуқотини яратган, ҳеч нарсага ҳожати бўлмаган ҳолда, ҳамма нарсани бир-бирига боғлиқ ва ўзига муҳтож қилиб қўйган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!
Ояти каримада буюриладики: «У ўз томонидан (яъни Ўз хоҳиш-иродаси билан) сизларга осмонлардаги ва ердаги барча нарсаларни бўйинсундирди» (Жосийя сураси, 13-оят). Бу ердаги «сизларга» калимаси билан Одам фарзанди назарда тутилган. Оятнинг маъноси бундай: «Бу оламдаги ҳамма нарсани сизлар учун яратдим. Чунки сизлар ожизликларингиз учун дунёдаги нарсаларга муҳтожсизлар. Сизлар ва сизлардан ташқари бошқа махлуқотларни ҳам худди шу тарзда Мен яратдим. Сизлар коинотнинг ҳукмдори ва саййид-хожаларисиз. Чунки коинот сизнинг тасарруфингиз остида, сизга хизмат учун муҳайё қилинган. Л екин бошқа бир жиҳатдан эса сизлар коинотнинг қулларисиз. Чунки коинотга муҳтожсизлар. Ҳолбуки, Мен ҳеч нарсага муҳтож бўлмаганим боис сиздан ва сизлар учун яратганим барча борлиқлардан устунман».
Дарҳақиқат, коинот (борлиқ) ожиздир, чунки у сизнинг хизматингизга топширилган. Сиз ҳам ожиз ва ҳожатмандсиз. Фойдаю манфаатга, яроқли нарсаларга муҳтож бўлганингиз учун дунё сизларга бўйсундирилди. Коинотнинг қадр-қиммати ва устунлиги очиқ-ойдин маълум. Зеро, у сиз учун фойдалидир. Сизнинг коинотдаги устунлигингиз ҳам очиқ-ойдин равшан. Чунки унинг фойдали ва завқли жиҳатларидан фойдаланшшшгиз мумкин. Шу боис коинот бир томондан ожиз бўлса, бир томондан саййид-хожадир. Сиз ҳам бир жиҳатдан борлиқни бошқарувчисиз, иккинчи жиҳатдан эса ожизу муҳтожсиз. Коинотнинг ожизлиги сенга муҳтож бўлгани сабаблидир. Устунлиги эса сенинг коинот ва унинг хизмати туфайли ҳаёт кечира олишингдир. Сенинг ожизлигинг - коинотсиз яшай олмаслигингдир. Хожа-саййидлигинг эса роҳатланиш учун кўзларинг билан дунёдан фойдаланмоғинг, лаззатланмоқ учун қулоғинг, маза тотмоқ учун оғзинг, ҳузурланмоқ учун бурнинг, хуллас, ҳаётингни давом эттирмоқ учун барча аъзоларинг билан дунё ва коинотдан фойдаланишингдир.
Коинот кўринишда сенинг фармонингга мунтазир. Сен эса маънан коинотнинг амрига бўйинсунасан. Чунки коинот бир таомдир. Сен уни еб, ўзингда ҳазм қиласан. Коинот ичимликдир. Уни ичиб тугатасан. Коинот кийимдир. Сен уни кийиб эскиртирасан. Коинот маскан-уйдир. Сен унда яшайсан. Уни баъзан таъмирлайсан, баъзан бузасан, баъзан қулатасан.
Коинот иссиқлиқ ва совуқликдир. Эҳтиёжингга қараб бу икковидан фойдаланасан. Иссиқлик истаганинг миқдорда бўлса, ундан тамоман фойдаланасан. Шунингдек, ҳожатга яраша совуқликдан ҳам тамоман фойдаланасан. Аммо бу иккиси эҳтиёжингдан ортиқ бўлиб, сенга фойдали ва лаззатли бўлмаса, улардан ҳожатинг, лаззатинг ва манфаатинг даражасида олиб, қолганини тарк этасан.
Коинот нур ва оловдир. Улардан ҳам эҳтиёжинг доирасида қўлланасан. Агар иккиси ҳожатдан ортиқ бўлса, ҳожатдан зиёдасини ташлайсан, ҳожатга ярашасини оласан. Эҳтиёждан ортиғини олмайсан.
Коинот сув ва тупроқдир. Улар иккаласи сен истаган ҳожатинг миқдорида ва мақсадинг ҳаддига мувофиқ бўлса фойдалидир. Агар улар наф етказиш даражасидан зиёда бўлса, унинг ҳам ортиғини тарк этасан.
Коинот ҳаво ва шамолдир. Булардан ҳожатинг доирасида ишлатсанг, сенга фойдалидир. Лекин ҳожатдан ортиб кетса, сени ўлдиради, маҳв этади, ҳалок қилади. Сен улардан тасарруфинг доирасида фойдаланиб, яшашинг ва ҳаётингни давом эттириш учун ишлатасан, ҳожатингдан ортиғини эса тарк этасан.
Коинот оила қуриш ва никоҳланишдир. Агар сен эҳтиёжинг андозасида фойдалансанг, сен учун манфаатли, завқли ва лаззатлидир. Бироқ бу ишда ҳаддан ошсанг, баданинг, қалбинг ва ақлингга зиён етади. Сен ҳожатингга яраша бу фойдалардан истифода этишга ҳақлисан, ҳожатингдан зиёдасини тарк этасан.
Коинот инсонлар билан бирга бўлиш, халқ билан аралашишдир. Фойдали бўладиган миқдордан ошмаса, бу иш яроқли ва мувофиқ бўлади. Лекин фойдали бўладиган миқдордан ошса, баданни эритиб, қалбни куйдиради. Сен тасарруфинг остидагиларга ҳокимлигинг билан халққа аралашишнинг ўлчовини англай оладиган кучга эгасан. Манфаатлисини олиб, зарарлисини тарк этасан.
Коинот уйқу ва уйғоқликдир. Булар баданнинг ривожига ва инсон табиатининг янгиланиши тозаланишига мувофиқ миқдорда бўлса, сен учун фойдалидир. Ривожланиш ва тозаланиш миқдоридан ошган тақдирда, баданинг ва табиатингга зарар етказадилар. Ҳолбуки, сен улар устидан ҳукмронсан. Сенинг вазифанг бу иккисидан ривожланишинг ва кучайишинг учун керакли миқдорда фойдаланишингдир. Баданингга зарар етказувчи ва жисмингни хароб этувчи зиёдасини эса тарк этишингдир.
Коинот ейиш, ичиш, эшитиш, ҳидлаш, сўз, иш, ҳаракат ва тўхташдир. Булар эҳтиёж даражасида ҳамда инсон табиати ва хилқати кўтара оладиган миқдорда бўлса, фойдали ва лаззатлидир. Бироқ эҳтиёждан ва инсон табиати кўтара оладиган миқдордан ошиб кетса, баданга, ақлга ва фаҳмга зарарлидир. Ҳолбуки, улар сенинг хизматингдалар ва сен уларга ҳокимсан. Баданингга нисбатан шафқатли бўлишинг керак. Булардан ҳаётингнинг давом этиши ва баданингнинг ривожланиши учун ҳожатинг қадар ҳамда табиатинг қувватига кўра фойдаланишинг керак. Нафсингга, баданингга, табиатингта ортиқчалик қиладиганларидан ва ҳаддан ошишдан ўзингни йироқ тут! Шунда ҳолинг ва вужудингнинг бардавомлигини таъминлаган бўласан.
Коинот тафаккур ва ботиний ишларда мулоҳаза юритишдир. Зоҳирий масалаларда теран назар ташлашдир. Бу ҳам инсоннинг қуввати ва табиати кўтарадиган даражада бўлса, энг фойдали, мувофиқ, лаззатли ва боқийроқдир. Аммо бу теран тушунча инсон тузилишининг чегарасидан тажовуз қилса (ҳаддидан ошса) ва табиатининг тоқати миқдоридан ошиб кетса, инсоннинг сезгирлигини ва ҳушёрлигини маҳв этади, ақлу идрокини барбод қилади. Ҳолбуки, сен тасарруфингда бўлган бу нарсалар устидан ҳукмронсан. Аслида сен амал қилишинг керак бўлган йўл — уларнинг миқдор ва даражасининг салоҳияти ҳақида мулоҳаза юритишинг керак, ундан зарурий ва фойдали бўладиган миқдорини белгилаб, қабул қилиб, зарар кўрсатувчи ва ҳалок этувчи ортиқчасини ташлашинг керак.
Коинот ирода ва истакдир. Чунки ундан сенга фойдалар бор. Зийраклик, ҳушёрлик тоқати миқдорида уни тасарруф этсанг ва табиат, хилқат баҳраманд бўладиган даражада идора этсанг, улар яратилишинг ва табиатинг тоқати етадиган меъёрда бўлса, фойдалари бениҳоядир. Бироқ, сабру тоқат чегарасидан тажовуз қилса (чиқса), инсонни тамоман ҳалок этади ва каттаю кичик барча нарсаларни йўқ қилади. Ҳолбуки, сен хизматингдаги бу нарсаларни бошқарувчисан. Бу ишнинг чораси ва йўли мувона-затни сақлаш, ўлчов доирасида ҳаракат қилиш, ҳаддан ошмасликдир. Бу ҳолатда яшашинг, борлиғингни давом эттиришинг ва барқарорлигингни сақлашинг, боқий ва давом этишинг учун фойдалисини олиб, зарарлисини тарк этасан. Натижада сен яшайсан. Шунда тасарруфинг остида бўлган нарсалар сендан ҳукмдор ва Парвардигорларига шикоят қилмайдилар.
Ҳамд оламлар Рабби бўлган Аллоҳга хосдир. Пайғамбарларнинг энг хайрлиси ҳамда саййиди ҳазрати пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломга ва унинг покиза яқинларига салоту саломлар бўлсин!
« So'nggi tahrir: 26 Mart 2014, 00:04:30 muallifi AbdulAziz »

 

Shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusuf kitoblari

Muallif AbdusalomBo'lim Islom

Javoblar: 37
Ko'rilgan: 92147
So'nggi javob 30 Noyabr 2013, 14:05:53
muallifi Ҳанафий
Sami Yusuf

Muallif Muslima_subhBo'lim Islom

Javoblar: 42
Ko'rilgan: 16546
So'nggi javob 14 Iyul 2008, 13:13:04
muallifi Munavvara
Abduttavvob Yusuf. Muhammad alayhissalom hayotlaridan o’n qissa

Muallif LayloBo'lim Islomiy kitoblar

Javoblar: 69
Ko'rilgan: 37447
So'nggi javob 02 Dekabr 2007, 01:15:56
muallifi AbdulAziz
Muhammad yusuf she`riyati.

Muallif JaviKBo'lim She'riyat

Javoblar: 18
Ko'rilgan: 37119
So'nggi javob 21 Aprel 2013, 06:03:14
muallifi Хадича
XXI asr she'riyati: Yusuf Xudoyqul

Muallif shoirBo'lim She'riyat

Javoblar: 3
Ko'rilgan: 2730
So'nggi javob 29 Iyul 2008, 12:54:34
muallifi shoir