Muallif Mavzu: Usuli ashara (o'n usul va sharhi). Najmiddin Kubro  ( 10936 marta o'qilgan)

0 Foydalanuvchilar va 1 Mehmon ushbu mavzuni kuzatishmoqda.

AbdulAziz

  • Forum Administratori
  • Mega Member
  • *******
  • Rahmat
  • -aytdi: 6942
  • -oldi: 12023
  • Xabarlar: 20359
  • Jins: Erkak
  • Sevelim, sevilelim. Yunus Emre
    • Ziyo Uz
Usuli ashara (o'n usul va sharhi). Najmiddin Kubro
« : 22 Aprel 2010, 08:20:23 »
Usuli ashara (o'n usul va sharhi)



Muallif: Najmiddin Kubro
Hajmi: 262 Kb
Fayl tipi: pdf, zip
Saqlab olish
Online o'qish
Ilm o'rganish - Allohdan qo'rqish, uni talab qilish - ibodat, izlash - jihod, bilmaganga o'rgatish - sadaqa, uni o'z ahliga o'rgatish - Allohga qurbatdir. Ilm - tanholikda hamroh, hilvatda - do'st, to'g'ri yo'l ko'rsatuvchi - dalil, begonlar oldida - eng sodiq do'st, Jannat yo'lining minorasidir.
Hazrati Umar ibn Hattob r.a.

Ansora

  • Mega Member
  • *******
  • Rahmat
  • -aytdi: 12698
  • -oldi: 12894
  • Xabarlar: 19275
  • Jins: Ayol
Re: Usuli ashara (o'n usul va sharhi). Najmiddin Kubro
« Javob #1 : 25 Aprel 2010, 14:02:06 »
Шайх Нажмиддин Кубро

«УСУЛИ АШАРА»

(Ўн усул ва шарҳи)

Таржимонлар:
Иброҳим Ҳаққул, Азиза Бектош

Изоҳлар муаллифи:
Иброҳим Ҳаққул

«Ўқитувчи»
Нашриёт-матбаа ижодий уйи
2005




Шайх Нажмиддин Кубро
(1145-1221)

Тўла исми Аҳмад ибн Умар ибн Муҳаммад Абулжанноб Нажмиддин ал-Хивақий ал-Хоразмийдир. Шайх Нажмиддин (дин юлдузи), Шайхи валитарош (валоятга етишадиганларни тарбияловчи), Абулжанноб (Оллоҳдан қўрқувчилар отаси), Шайх Кубро (улуғ шайх) унвонлари билан ҳам юритилади.
Хивада таваллуд топган. Ёшликдан ўз пирини излаб Мисрга боради ва Рўзбеҳон ал-Ваззон Мисрийга ҳам мурид, ҳам куёв бўлади. Сўнгра Табризга бориб, Абу Мансур Хафддан «шарҳус-сунна»ни ўрганади, Исмоил Касрий қўлидан хирқа кияди. Мисрга қайтгач, Рўзбеҳоннинг тавсияси билан Хоразмга келиб, хонақоҳ қуради. Кубровийлик ёки заҳабийлик тариқатига асос солган.
Кубровий шайхлари Мажидиддин Боғдодий (Фаридиддин Атторнинг пири), Саъдиддин Ҳамавий, Бобо Камол Жандий, Сайфиддин Бохарзий, Нажмиддин Розий ва б. машҳур шогирдлар етиштирган.
Ҳожи Халифанинг «Туҳфату-л-фуқаро», «Сафинату-л-авлиё», «Хазинату-л-асфиё», Жомийнинг «Нафаҳоту-л-унс», Камолиддин Ҳусайн Гозургоҳий (Фаноий)нинг «Мажолису-л-ушшоқ», «Таройиқу-л-ҳақойиқ», «Мажолису-л-мўъминин», Алишер Навоийнинг «Насойиму-л-муҳаббат», Лутф Алибек Озарнинг «Оташкада», «Тарихи гузида», Ризоқулихон Ҳидоятнинг «Риёзу-л-орифин», Азизиддин Насафийнинг "Зубдату-л-ҳақойиқ" асарларида улуғланган.
«Усули ашара», «Рисола илал ҳоим», «Фавотиҳу-л-жамол» в.б. асарлар ёзган. Бизгача етиб келмаган «Тафсир» муаллифи ҳамдир. Форс тилида ўнлаб тасаввуфий рубоийлар (Жамол Камол, Матназар Абдулҳаким, Эргаш Очил таржималари) яратган.
Кубровийлик тариқатининг излари акс этган бадиий адабиёт намуналари сифатида Паҳлавон Маҳмуд рубоийлари ва Огаҳийнинг айрим ғазаллари тилга олинади.


 
Шайх Нажмиддин Кубро

«УСУЛИ АШАРА»
(Ўн усул ва шарҳи)

1. Оллоҳга элтувчи йўлларнинг адади махлуқотнинг нафаслари қадар беҳисоб .
Мазкур калима арбоби тасаввуфнинг энг машҳур сўзларидан бўлиб , унинг хилма-хил шарҳлари мавжуд.
1. Бундаги нафас инсоннинг оғиз ва бурнидан кириб-чиқадиган ҳаво бўлиб, унинг бир кунлик миқдори йигирма тўрт мингга яқиндир. Шу боис ҳар ким умр бўйи олган нафасича Ҳаққа борувчи йўл имкониятига соҳибдир.
Йўлчи қадам ба қадам илгарилаганидек, бу йўлда сабот кўрсатганлар ҳам ҳар нафасда Оллоҳга тобора яқинлашиб борурлар. Аслида йўл ягонадир. Аммо ҳар одим манзил ниҳоясига олиб борувчи восита бўлганлигидан ҳам ҳар қадам олдинга юриш ва илгарилаш ҳисобланган. Шунинг учун «Ҳар бир инсон нафасини ва вақтини муҳофаза қилиши керак» дейилгандир. Зеро, нафас ва вақт беҳуда сарфланаркан, кун, кунни қадрламаслик билан ой, ой билан эса йил, ва ниҳоят, шу тариқа бутун бир умр зое кетади.
Бу ҳақда Санойи (ваф. 526/1131) бир байтида шундай дейди: «Чин сўфий Оллоҳ мушоҳадаси завқи билан маст бўлганлигидан ҳар нафасда икки байрамни нишонлар: бири — нафас олишда, иккинчиси эса нафас чиқаришда. Бу байрам сайри жамолдан шодланиш ва кўнгилдан кечириладиган ботиний ҳолдан сурур топмоқдир. Сўфийлар бундай байрам билан машғул эканлар, зоҳидларга ўхшаш ўргимчаклар, пашшаларни кабоб қилиб ейдилар».
Яъни зоҳидлар бундай байрамнинг нелигини билмайдилар. қурбон байрамида халқ қурбонлик гўштини чайнаш билан овора экан, аҳли ҳақиқат эзгу иш ва амаллар билан машғул бўлиш учун рағбат кўрсатадилар. Бу билан дунёнинг эмас, балки жаннат ва охират неъматларини кўзлайдилар. Аслида жамоли илоҳийга муяссар бўлиш барча неъматлардан устунроқ ва юксакрокдир. Бироқ «Ман лам язуқ лам яъриф» завқини тотмаган буни қаердан билсин? Ахир таъмни фарқлай билмаган кимсага нима ҳам дейиш мумкин?!»
Савол: Ҳеч бир нафасни зое этмасдан, ҳар нафасда ўша байрам ҳолини яшамоқ мумкинми?
Жавоб: Албатта, мумкин. Чунки Ҳазрати Пайғамбар: «Жаннатда бир тоифа борки, Оллоҳ билан улар орасида бир лаҳза бўлсин ҳеч кандай парда бўлмайди», дея марҳамат қилганлар. Улар доимо Ҳақ мушоҳадаси билан машғулдирлар. Бошқа бир ҳадисда эса: «Ё Раб, Сендан Сенинг важҳу карамингни доимо томоша айлаш лаззатини лутф қилишингни сўрайман» дея дуо қилганлари ривоят қилинади .
Маълум бўлмоқдаки, пайғамбарлар, муқарраблар ва сиддиқлар дея танилган буюк валийлар доимо Унга боқишдан туғилган ҳузуру завқ билан тўлиб тошгандирлар. Чунки улар «Қоба қавсайн» да жамъ ва фарқ , сакр ва саҳв  ҳолларини айни бир пайтда яшайдилар. Улар хилма-хил шакллар ва турфа-турфа ҳоллар ила ҳамиша мушоҳада ичида кун кечирадилар. Мақсад-муддаолари эса тажаллийи Мутлақдир. Бунда Ҳақнинг тажаллиси умумий ва таъсири кенг қамровли эмаслигини яхши билмоқ керак. Инсонда шундай қобилият ва қувватлар борки, у халқ билан жисман муносабатларини давом эттираркан, айни вақтда кўнгли ва мушоҳада жазбаси ила истиғроқ ҳолини яшамоғи мумкиндир. Шунинг учун орифнинг нафаси тасбеҳ, уйқуси ибодат эрур. Унинг учун ғафлат йўқдир. У ҳар доим бедор, басирати ҳар лаҳза очиқдир. Мана бу оятларда ҳам шунга ишорат бор: «Унинг оятларидан (яна бири) — кечаси ва кундузи ухлашларингиз ҳамда (кундузлари) Унинг фазлу марҳаматидан (ризқу рўз) исташларингиздир. Албатга, бунда англайдиган қавм учун оят — ибратлар бордир» . Бир ҳадисда ҳам: «Инсонлар уйқу ҳолидадирлар. Ўлгачгина уйғонадилар» дейилмиш. Ушбу ҳадисда назарда тутилган инсонлар оддий халқ табақасидирки, улар Ҳаққа томон умумий ва мутлақ ягона бир йўлдан боришни истайдилар. Ҳолбуки, асосий мақсад хусусий ва муқайяд  бир йўл билан Оллоҳга етишмоқдир. Буни пухта англагин!
2. Асмои ҳусно да ҳар бирининг бир қули бор ва бу исм қулни тарбиялаб камолга етказади. Аслида исмлар-ла номланувчи, яъни соҳиби ном ягона Борлиқдир. Исмларнинг кўплиги ва хилма-хиллиги исм соҳибининг ҳам кўп, турли-туманлилигини талаб қилмайди. Аммо маълум бир исмнинг маҳкуми ўша исм йўналиши ва ўша исм шарофатидан Ҳаққа етади, ўзга томонга чалғимайди. Бу Ҳаққа сулук давриясидир, шунчаки тўғри интилиш эмасдир. Ҳар ким бора-бора «Унга қайтарилгувчисиз» (Бақара 2:28) хабарига мувофиқ Уни орзу қилар ва Унга қайтар, Унга восил бўлар. Бу чизилган бир доира кабидир: унинг интиҳо нуқтаси ибтидо нуқтаси билан бирлашади. Доиранинг марказидаги нуқтага унинг ҳар тарафи кўриниб туради. Ҳар тараф унинг учун доира эрур. Бу гўё Байтуллоҳ атрофидаги қуббаларнинг унга юзланиб туришига ўхшайди...
3. Дунёда қанча мавжудот бор бўлса, Ҳаққа элтадиган йўл ҳам ўшанчадир. Ва қанчалик гўзал феъл ва ахлоқ бор бўлса, уларнинг ҳар бири Унга етказувчидир, шунинг учун ҳам «Оллоҳнинг ахлоқи билан ахлоқланингиз» ҳадисидан ташқари яна шундай ривоят ҳам бор: «Оллоҳнинг 360 та гўзал ахлоқи бор. Иймон келтирган кимса улардан қайси бири билан бўлмасин, Унинг дийдорига восил бўлса, жаннат аҳлидандир» дейилганида, Ҳазрати Абу Бакр:
—   Эй Оллоҳнинг Расули, менда бу ахлоқлардан лоақал бирортаси бормикан? дея сўрадилар. Пайғамбаримиз (с.а.в.):
—   Эй Абу Бакр, сенда буларнинг нафақат биттаси, балки ҳаммаси мавжуд ва уларнинг ичида Ҳақ таолога энг суюкли бўлгани жўмардликдир» дея жавоб бердилар. Бундан маълум бўлмоқдаки, Ҳазрати Абу Бакр жаннатнинг саккиз эшигидан бир йўла кирадилар. Чунки у зот самовий эшиклардан ўтишнинг сабабларини ўзида мужассам қилган ва ҳар ахлоқнинг жазбаси ила Уни топгандир.
Мўъминлар бу ахлоқлар билан Оллоҳга етишадилар, аммо улар орасида ҳам тафовутлар бўлади. Аввал қайд этилганидек, жўмардлик билан етишган қул бошқаларига нисбатан Оллоҳга янада яқинроқдир. Шунингдек, Оллоҳни таниган олимнинг ҳам бошқалардан устунлиги беқиёс даражада муҳаққақдир. Чунки илм илоҳий ва шарафли сифат бўлиб, мавзуимизга бевосита алоқадор шундай фикр ҳам бор: «Оллоҳ билан қул орасида энг гўзал ахлоқ — ризо ва таслимият  бўлса, қул билан қул орасидаги энг гўзал хулқ жўмардликдир»
4. Оллоҳга етиштирувчи йўлларнинг кўп бўлиши инсонлардаги санъат ва касб-кор кўплигига ҳам ишорат этади. Чунки султонлик, вазирлик, муфтилик, мударрислик мансабларининг ҳар бири Оллоҳга боргувчи йўлдир. Шу боис ҳам буюклардан бири шундай деган эди: «Агар Иброҳим бинни Адҳам (ваф. 161/777) менинг замонимда яшаганида эди, уни тахтидаёқ иршод қилган бўлардим». Чунки салтанат ва унинг мартабалари ҳам илоҳий исмлардандир. Сўфий ҳам Оллоҳга етишмоқ учун ниҳояти Унинг бошқа бир исмига таянмоқда. Мақсад эса айни даргоҳга йўналтиради. Фақат шуни билиш керакки, бундай маслак арбоби ҳам Оллоҳга етишади, аммо умумий ҳидоят чегаралари ичида қолади. Хусусий ҳидоятга қовушмоқ учун эса муршиди комил шарт. Шу боис санъат ва илмда қарама-қаршилик ҳамда ҳар хилликлар ўзига хос раҳмат ҳисобланган. Уларнинг ҳар бири инсонларни Унга восил айлайди. Фақат бу унсият кашф соҳиби бўлган кишилардан ташқаридагилар учун сезилмаганлиги боис ҳам йўлларнинг кўплиги бу ҳаётга янги қадам қўйганлар йўлини тўсиши, мосиво қилиши-да мумкин. Илоҳий тажаллилардан бўлган Ҳақ ва йўл шу тариқа айни нарсада тажассум топади.
Қисқаси, бу йўлларнинг қайсиси билан бўлса-да Ҳаққа таважжуҳ  этилса, вуслат нинг мумкин ва муяссар эканлигига шу оят ҳам ишорат қилмоқда: «Қайси тарафдан чиқсангиз, юзингизни Масжид ал-ҳарам томонга буринг!... » (Бақара, 2:150). Яъни, томонларнинг кўплиги танланган исм ва борлиқнинг касратини талаб этмайди. Каъбатуллоҳнинг қайси ёнида бўлманг, ўша жойдан яна Унга йўналурсиз. Ҳақ толибининг вуслат эшигига етишмоғи шак-шубҳасиз. Чунки бутун ашё ва борлиққа илоҳий исмлар тазаҳҳур айлар. Шу боис санъат ва ашё ҳам Оллоҳга қовуштириш қувватига эга, йўл кўрсатишга қодир. Масалан, ҳаво Ҳай исмининг мазҳари, ҳаракат ҳолини акс эттиради. Сув эса Муҳйи исмининг мазҳаридирки, ҳалок ва фаноликни ўртадан кўтаради. Шунингдек, новвой Нофий исмига, нон Қайюм исмига мазҳардир. Атторлик иши ўлчов ва тарозига дахлдорлиги туфайли Оллоҳнинг Адл исмига боғлиқдир.
«Фотиҳа» сурасидаги «Оллоҳим, бизларни Тўғри йўлга йўллагайсан» маъносидаги оятда келган тўғрилик ҳам худди шу маънони англатади. Яна хушбўй ҳидли нарсалар Унинг Жалол исмига, аччиқ бўлганлари эса «Ҳар аччиқ шифодир» дея таъкидланганидек, Нофий исмига тегишли. Заҳардек зарарли нарсалар эса Жалол исмининг мазҳаридир. Шунингдек, салтанат исми Аъзам билан, вазорат Вакил билан, муфтилик илм билан, таълим ва тарбия эса: «Ва У Зот Одамга барча нарсаларнинг исмларини ўргатди... » (Бақара, 2:31) сири билан, қозилик ва адлия ташкилоти эса «...Албатта, Парвардигоринг қиёмат кунида талашиб-тортишган нарсалари ҳақида уларнинг ўртасида ўзи ҳакамлик қилур» (Юнус, 10:93) ҳақиқати билан узвий муносабатдадир. Чунки исм Мусаммони, яъни соҳибини кўрсатади, унга ишорат қилади. Муаззинлик «Оллоҳ тинчлик диёри — Жаннатга даъват қилур ва ўзи хоҳлаган зотларни тўғри йўлга ҳидоят қилур» (Юнус, 10:25) оятига, имомлик эса «қулининг лисони билан Оллоҳ ўзига ҳамд айтувчининг ҳамдини эшитди» маъносига ишоратдир. Мурид— муршидлик «...Оллоҳ ўзи хоҳлаган зотларни поклагувчидир...»  (Нисо, 4:49) маъносига, харидор ва сотувчи эса «Албатта, Оллоҳ мўъминларнинг жонларини ва молларини улардан жаннат баробарига сотиб олди...» оятлари билан алоқадордир (Тавба, 9:111).
Бу исмлар омонатдир. Пайғамбарнинг сифати амин ва сиддиқдир. Ундан кейин келган унинг уммати ҳам Унинг мазҳаридир. Омонатга хиёнат қилган эса амин сифатига мазҳар бўла олмайди. Уй ва дўкон вазифасини бажараётган вужудимиз Оллоҳнинг Мужид, Сониъ, Холиқ, Мусаввир ва бошқа исмларининг ҳосиласидир. Ҳидоятга эришганлар Ҳодий, залолат аҳли эса Музил исми доирасига тааллуқлидир...
Биз изоҳламоқчи бўлган йўл эса бу йўлларнинг энг ойдини ва энг мукаммалидир.
Бу йўл Ҳаққа етказгувчи йўлларнинг энг яқинидир. Бошқа йўллар бу йўлга нисбатан янада яқин ёки жуда йироқ бўлиши ҳам мумкин. Аммо бу йўл жуда аниқ ва очиқ, яъни «Моҳжайи байзо» (ойдин кўча)дир. Йўлларнинг энг мукаммали бўлган бу йўл соликни бошқа жойга эмас, балки аниқ манзилга асос йўлдан айирмасдан, қийинчиликсиз улаштиради.
Юқорида айтилганидек, бу йўллар кўп бўлса-да, уларнинг ҳаммасини уч асосий гуруҳга бирлаштира оламиз.
Энг яқин, энг равшан ва энг мукаммал йўллар яратиқларнинг нафаслари ададича бўлса ҳамки, уларнинг ҳаммаси бу гуруҳларнинг биронтасига мансуб бўлади.
1. Тариқи ахёр: ибодат ва амали солиҳ соҳибларининг йўли. Бу йўлга кирувчи соликлар рўза, намоз, Қуръон қироати, ҳаж қилиш ва шунга ўхшаш зоҳирий ибодатлар билан кўпроқ машғул бўладилар.
Бу тушунча тобеъин ва табаи тобеъин  даврида ҳоким бўлган тушунчадир. Макка ва Мадинада, Шом, Миср, Боғдод, Басра ёхуд Кўфада бўлсин, тариқи ахёр мансубларини учратиш мумкин эди.
Уларнинг орасида шундайлари ҳам бор эдики, улар бутун йил бўйи фақатгина байрамларда, яъни рўза ҳаром бўлган кунлардагина рўза тутмасдилар. Бошқа ҳеч вақт рўзани канда қилмасдилар. Шу боис уларга «соимуд-давр» (бутун вақтини рўзадор ўтказувчи) дея ном берилганди. Яна бир гуруҳлари эса саҳаргача намоз ва тиловати Қуръон билан машғул бўлсалар, бошқа бир тоифаси Абдуллоҳ бин Муборакдек ғозийлик билан шуҳрат таратган, яна бошқалари эса кўпроқ ҳаж иштиёқи ва орзуси билан нафас олардилар.
Бу йўл тариқи ахёр дея аталади. Бундай йўл ва усул билан узоқ вақтдан кейин руҳни камол топтириб, Ҳаққа етишганлар бағоят оздир.
Яъни бу йўл энг хайрлиларнинг йўли демакдир. Бу йўл соликлари хайрли, эзгу иш ва амаллар билан машғулдирлар. Амали хайр соҳиблари эса инсонлар орасида энг хайрлиларидирлар. Шу боис ҳам улар шундай номга мушарраф бўлганлар. Узоқ вақт мобайнида ушбу усул билан Унга етишганлар жуда оздир. Бу йўлнинг бошқа бир номи «тариқи зуҳдидир. Унга етишиш кўп вақт талаб қилади. Ошиқ уч йилда эгаллаган мақому манзилни зоҳидлар ўттиз йилда ҳам қатъ эта олмайдилар. Шундай бўлса-да, бу йўлга беписанд қараб бўлмайди, чунки унга етиш ҳаммага ҳам насиб этмайди. Бу йўлга қадам қўйган кўпчиликнинг мақсадга етмасдан умри тугаб, ора йўлда қолади...
2. Тариқи аброр: мужоҳада ва риёзат соҳибларининг йўли. Бу йўл соликлари эса гўзал феъл-атворга эга бўлиш, кўнгилни тазкия, қалбни тасфия , яъни кўнглини мусаффолаштириш ва ботинини обод қилиш, маъмур этиш учун ғайрат кўрсатувчи кишилардир.
Мазкур йўл мужоҳада ва риёзат соҳибларининг йўли бўлиб, унга қадам қўйганлар нафси амморанинг тарбияси билан машғул бўладилар. Бир томондан, улар ўзни кўз-кўз қилиш, бесабрлик, худбинлик, молу мартаба ҳирси, баджаҳллик каби ёмон феълларига барҳам бериш билан шуғулланарканлар, иккинчи томондан, тавҳид нурию Оллоҳ билан бирга бўлишнинг ҳузури ва Ундан бошқа бутун борлиқлар билан алоқани узиш каби мужоҳадалар ила қалбларини поклайдилар. Чунки қалб бамисоли ойина, у тоза ва порлоқ бўлмагунча илоҳий тажаллиларни зуҳурлантирмайди. Ойинанинг кирланиши ва қорайишига сабаб Оллоҳдан бошқа борлиқлар билан яқиндан боғланишимиздир. Илоҳий маърифат эса қалб ойинасини жилолантиради. Бу маърифат, албатта, тақво, амали солиҳ, сайри сулукдан туғилган ирфон бўлиши лозим. Ушбу йўллардан айри равишда қўлга киритилган маърифат шайтоний бўлиб, номақбулдир. У фосиқ ва истидрож  соҳиби бўлмаган кишиларнинг маърифати кабидир. Улар нопокликлар ичида сузишаркан, подшоҳликни даъво қиладилар. Маърифатдан бонг урадилар...
Тариқи аброр дея маълум бўлган мазкур йўл билан Ҳаққа қовушганлар аввалги йўлга қараганда кўпроқ бўлса ҳамки нодир ҳисобланади.
Бу йўлдагилар ички ва ташқи тақвога амал қилганликлари учун «аброр» дея номланишга ҳақли бўлиб, уларнинг орасида Оллоҳга етишганлар аввалги гуруҳга нисбатан кўпроқдир. Шундай бўлса-да, натижа эътибори билан улар оз ҳисобланади. Силсилавийлик қонуниятида аҳвол худди шундай, яъни ўзидан юқоридагиларга нисбатан кам, ўзидан пастдагиларга қараганда эса кўпдир. Масалан, дунёдаги ҳайвонлар жонсизларга нисбатан оз, аммо инсонларга қараганда кўп эрур...
3. Тариқи шуттор: бу ишқ, жазба ва муҳаббат соҳибларининг йўли. Ва у улуғ Мавлога сайру саёҳат қилувчиларнинг тариқатидир.
Бундаги сайр бир ҳукмдан бошқа бир ҳукмга, бир ҳолдан иккинчи бир ҳолга кечиш бўлиб, у маънавий босқич, маънавий саёҳат эрур. Соликнинг ҳам илк кундан охирги лаҳзасига қадар қиладиган иши мана шу сайр калимасида яшириндир. У муттасил маъшуқасига қараб интилади. Бу эса Каъба томон йўл олган кишининг ҳаракатига ўхшайди, чунки у Каъбага етгачгина ҳаракатдан тўхтайди. Аммо тасаввуф тушунчасидаги интиҳо «сайр илаллоҳ» (Оллоҳга томон сайр)дир. «Сайр филлоҳ» (Оллоҳда сайр)да эса бундай ҳолат йўқ. Каъбага етишганнинг сафари тугайди, аммо у бино ва у жойнинг сирлари тугамайди. Илоҳий сир ва ҳикматлар ниҳоясиздир.
Эй мўъмин, ҳақиқий комиллик юзага келгунга қадар бир ғайрат ва ҳиммат билан сайри сулук қилиш лозим. Бу йўл паришонлик, ялқовлик ва танбалликни кўтармайди, зоҳир, бирлик ва бутунликни талаб қилади. Сойирларга яхшилаб қара, паришон ва сустлашганлар йўлда илгарилай олмайдилар. Бу йўл муҳаббат аҳлидан ғайратли, елиб-югурувчи ва узлуксиз ҳаракатда бўлганларнинг равишидир. Улар қариялар, хасталар ёхуд танбалларга ўхшаб ўтроқ бўлмайдилар. Ва бу муҳаббат зуҳднинг муқобилидир. У Ҳаққа бўлган жазбани ифодалайди. Муҳаббатнинг шиддатию қуввати ортиши билан ишқ майдонга келади. Муҳаббат нурдир, ишқ эса нор (оташ)дир. Бу оташ Оллоҳдан ўзга борлиқларни ва уларга бўлган майлларни ёқиб, йўқ қилади. Аслида норда ҳам, нурда ҳам ёруғлик бор. Ошиқлар орасида шундай гап юради: «Икки ёруғлик бор. Бири Оллоҳдан бошқа бутун борлиқлардан юз ўгиртирса, иккинчиси, Унга юз қаратади. Бу икковининг орасига «нор ишқ» кирса, хас-хашакка ўхшаб қолган инсоннинг дунё билан бўлган боғ(ланиш)ларини ёқиб кул қилади. Демак, ошиқ қисқа фурсатда манзилу мақсадига етишади. Зеро, ишқ унинг-ла баробар тезликда илгарилайди ва нафс маркабини ҳам ўзи билан бирга судрайди.
Бу йўлга сулук қилганларнинг йўл бошидаёқ эришган мартабаси бошқаларнинг сулук ҳаётлари сўнгида эришган мартабасидан кўп карра юксакдир.
Яъни бошқаларнинг сўнгги ҳолларига нисбатан буларнинг бошланғич ҳоллари янада устунроқ. Улар сайри сулукнинг ниҳоясида топганларига булар ибтидодаёқ эришадилар. Жазба ва олий қобилиятлари ила гўё нурдан ясалган бир нарвон билан самога юксаладилар, минг одимни бир қадамдаёқ қатъ этадилар.
Бир манзилни уч манзил қилувчи қайдаю, уч манзилни бир манзилга бирлаштирувчи қайда?! Мана шундай борлиғу унсурлардан аста-секин  йироқлашганлар мақсадга кеч етишадилар. Бироқ қобилиятли шайх ва муршиди комил паноҳида бўлганлар бундан мустаснодирлар.
Аҳли жазба эса дафъи сулук айлайдилар. Мўътабари мана шу кашфдир, билъакс, дунёда чарх урмоқ эмас, чунки Лунёнинг тўхташга мажбур қиладиган манзилу макони кўп. Шундан келиб чиқилса, кашф ҳам оддий бир кашфдир. Кўпгина сўфийлар мана шу таҳликага тушганлар ва оралиқда қолиб кетганлар. Бундан Оллоҳ асрасин!
Бу мумтоз йўл иродага боғлиқ бир ўлимга асослангандир. Зеро, Ҳазрати Пайғамбар: «Ўлмасдан авал ўлинг» дея марҳамат қилган эдилар.
Бу йўлга «мумтоз» сифати олдин англатилган икки йўлга нисбатан тез суръатли ва аниқ бир натижага эга сулук бўлганлиги учун берилган...
Ихтиёрий ўлим борлиқ ва дунё билан боғлиқ ишлардан бутунлай фоний (фанои куллий) бўлмоқдир. Бу ҳолни бошидан кечирган киши ўз вужудининг мавжудлигини ҳам ҳис этмайди. Чунки табиий ўлим ҳоли ҳам бундан асло фарқ қилмайди...
Ўлим ҳам бир неча хилдир: Мавти аҳмар (қирмизи — қизил ўлим). Бу нафснинг хоҳиш ва истакларига қарши туриш эрур. Мавти абйаз (оқ ўлим). Бу очлик билан қорин талабларини ўлдириш. Мавти аҳдар (яшил ўлим). Бу арзон мато парчаларидан ямоқли кийим кийишдир. Чунки янги кийим дунё билан боғлиқ орзу ҳисобланади. Мавти асвад (қора ўлим). Бу халқнинг жабру жафосига таҳаммул этмоқ эрур. Бунга «фано филлоҳ» ҳам дейилади, яъни бутун феъл ва ҳаракатларни маъшуқанинг феълида фоний қилмоқдир...
Бу йўлнинг тамал-қоидаларини эса ўн асосда жамлаш мумкиндир.
Оллоҳ сари сайру саёҳат қилувчиларнинг йўли ўн асосга қурилгандир. Бу ўн асос йўлнинг тамаллари бўлса, бошқа асослар бино устига қурилган бинога ўхшайди. Аслида ҳар нарсанинг асоси ва тамали мавжуд. Агар у бўлмаса, мақсадга етиб бўлмайди. Мавзуга дахлдор шундай сўз бор: «Усулни йўқотган вусулдан маҳрум қолади». Тилимиздаги «Ишнинг ўзини билгунча кўзини бил» мақоли ҳам худди шу фикрни равшанлаштиради. Ушбу сўзлардан мана бу ҳақиқат англашилади: ҳар нарсанинг негизи ва парчалари, тафарруоти  бор. Асослар мустаҳкам бўлганидан кейингина тафарруот унга тобеъ бўлади. Динда ҳам худди шундай. Фарз аслдир, мустаҳаб фуруъдир, тафарруотдир. Биринчисини тарк қилиб, иккинчисини адо этиш қулга ҳеч қандай муваффақият олиб келмайди.

1. Тавба
Худди марҳум «Эй хотиржам — сокин жон, Сен (Оллоҳ ато этган неъматлардан) рози бўлган (ва Оллоҳ таоло томонидан сенинг амалларингдан) рози бўлинган ҳолда Парвардигоринг (ҳузури)га қайт» амрига бўйин эгиб ўз ихтиёрисиз Унга қайтганидек, тавба ҳам қулнинг ўз истак-иродаси ила Оллоҳга қайтишидир.
Оятдаги «Раббингга қайт» буйруғи ўлимга ишорат қилмоқда ва унинг мажбурийлигини, тавба янглиғ инсон иродасига боғлиқ эмаслигини кўрсатмоқда. Аслида ўлим орзу қилинмайдиган бир нарсадир. Бу ҳақда пайғамбарлардан ривоятлар бордир. Ҳазрати Мусонинг тош билан ажал фариштасининг кўзини чиқаргани, Ҳазрати Иброҳим эса: «Е Раб, қайси дўст ўз дўстининг жонини олади?» дея иккилангани, ва ниҳоят, Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг сўнгги вақтларда ўз-ўзига: «Эй нафс, сенга не бўлдики, саждагоҳга илтижо қилиб, ўзингга чора ахтармоқдасан?» деганлари ривоят қилинган. Аслини олганда, пайғамбарларнинг бу сўзлари ўлимдан чўчиганликларидан эмас, балки умматларини ўлимга ҳушёр қарашга ундаганликлари учундир. Моҳият эътибори билан эса, ҳадисда хабар берилганидек, ўлим мўъмин учун бир ҳадя ва армуғондир.
«Сен рози бўлган, рози бўлинган ҳолда» ифодаси эса тасаввуфдаги нафси розийя ва нафси марзийя га ишоратдир. Нафси мутмаинна  эса ўлимни ҳеч қачон ёмон кўрмайди.
Инсоннинг ўлимни севмаслиги ризо ва таслимиятга зид туйғу эмас, балки фитрий хусусиятларидан эрур.
Тавба истакка боғлиқ бўлмоғи керак. Мажбурий тавба охир нафасида иймон келтирган кишининг иқрорига менгзайди ва мақбулу мўътабар саналмайди. Бошқа ибодатлар ҳам худди шундай. Зеро, пайғамбарлар ҳам инсонларни зўрлик билан эмас, балки бир қанча мўъжизалари билан иймонга чорлагандирлар.
Гуноҳ эса хоҳ дунёвий бўлсин, хоҳ ухровий  бўлсин, қул ва Оллоҳ орасида бир парда ва тўсиқдир.
Инсон учун наинки дунё билан боғлиқ, балки охират билан боғлиқ мартабаю даражалар ҳам бир ҳижоб эрур. Ҳақиқатда эса жаннат даражалари қулларнинг амал ва хатти-ҳаракатларига кўра тақсимланади. Бунинг учун қул яхши амалларни адо этади, аммо уларга ишониб, ортиқча баҳо ҳам бермайди. Дунёга дахлдор мартабаю мақомларда ҳам худди шундай...

2. Зуҳд
Зуҳд хоҳ оз, хоҳ кўп бўлсин—дунё моли, кўнгилга манзур нарсаларию мақомларидан ўлик каби йироқлашмоқдир.
Зуҳд қўлда мавжуд ва мавжудлиги маҳзур саналмаган мол-ашёдан кечмоқдир. Акс ҳолда келажакда қўлга киритилувчи молу мансаб зуҳдга асос бўлолмайди. Бунинг тескарисини иддао қилувчилар ҳам бўлишган. Бундан ташқари қўлда мавжудлиги гуноҳ ҳисобланган нарсаларни тарк этмоқ зуҳд ҳисобланмаганидек, инсоннинг жуфти билан жинсий муносабатни тарк қилмоғи ҳам зуҳд эмасдир. Ҳазрат Али саҳобалар ичида энг зоҳиди бўлса-да, уч-тўрт оилалари бор эди. Иброҳим Хаввос ҳам бу ҳақда шундай дейди: «Жинсий муносабатни одатга айлантирган кишидан хайр чиқмайди». Шу билан бирга жинсий алоқадан тийилиб, уни назорат остига олиш кўпроқ сулук асносида ва хилват вақтида бўлади. Мен ҳам сайри сулукни бошлаган чоғларимда (олами маънода) Шайхи Акбар Муҳйиддин бинни Арабий (ваф. 638/1240) уч нарсадан ҳимояланишимни тавсия қилди:
1. Ранго-ранг либослар киймоқ. Ваҳдат орзуси ва талабидаги киши кийимида ҳам ваҳдату бирлик бўлмоғи лозим. Шу боис валийлар наздида ҳам сурат ила маъно ўзаро уйғун бўлиши шарт.
2. Асога суянмоқ. Бу мосивога, эътимод ва ишончга ишоратдир. Ҳолбуки, бир ёғоч синиғига ҳам инонмаслик лозим. Нарсага эмас, балки Оллоҳга эътимод қилиш керак.
3. Учинчиси эса меъёрсиз жинсий муносабатдан сақланиш эди. Шу боис тариқатимиз (жалватия ) пирларидан Уфтода Ҳазратлари (ваф. 978/1570) сулук даврида муриди Азиз Маҳмуд Худойига (ваф. 1038/1628) ҳафтада бир маротаба хотини билан кўришишга рухсат берарди.
Таърифдаги «мақом» сўзи инсонлар наздидаги иззат ва ҳусни қабулни англатади. Бу ўринда, албатта, моддий бир мақом ва мавқеъ соҳиби бўлишга ҳожат йўқ. Халқ орасида шуҳрат таратиш ва инсонлар-ла муносабат ҳам ана шунга дахлдордир...
Зуҳднинг ҳақиқати дунёда ҳам, охиратда ҳам зоҳидликдир. Инчунин, ҳадисда «Дунё охират аҳлига, охират эса дунё аҳлига ҳаром бўлса, валийларга ҳар иккаласи ҳам ҳаромдир» дея марҳамат қилингандир.
Юқорида зикр қилинган зуҳд дунёни тамоман тарк этмоқдир. Бунга «тарки дунё» дейилур. Аммо ҳақиқий зуҳд охират борасида ҳам зоҳидона ҳаракат қилмоқликни талаб этади. Зоҳид ҳеч бир аснода жаннат неъматларию мартабаларига қизиқмаслиги ва боғланмаслиги шарт...

3. Оллоҳга таваккул
Таваккул худди ўлик янглиғ Оллоҳга ишониб, барча сабабу тадбирлардан йироқ бўлмоқликдир. Чунки Оллоҳу таоло «...Ким Оллоҳга таваккул қилса, бас, (Оллоҳнинг) ўзи унга етарлидир» (Талоқ, 65:3)  дея марҳамат қилгандир.
Табиий ўлимда руҳ бадандан айрилгач, бошқа у билан боғлиқликда фаолият кўрсата олмайди. Фақат қабрда Савол-жавоб учунгина унга имконият берилади. Ихтиёрий ва шуурли равишда ўлган киши ҳам боғу боғча, ҳунару касб билан моддий-маънавий бутун алоқаю қизиқишларини узмоғи, бутун ишларини Оллоҳга ҳавола этмоғи лозим. Айнан шу тарзда ўртадан ўзини йўқ қилган ҳақиқий мутаваккилнигина Оллоҳ асрайди, меҳнат-машаққат билан қўлга киритадиган нарсаларини ҳам унга бошқа йўллар билан насиб айлайди. Зеро, Оллоҳ дунёга: «Эй дунё, менинг йўлимда юриб, менга хизмат қилганга хизматчи бўл!» дея хитоб қилгандир.
Иброҳим бинни Адҳам ва унингдек буюк сўфийлар чўлу саҳроларда кезарканлар, уларга ноз-неъмат тўла дастурхон ёзилганлиги ривоят қилинади. Бошқа бир дарвишга эса ҳар овқатланиш пайтида иссиқ бир бурда нон бериларкан, уни ким келтирганлигини сўрашганида: «Аллақандай бир кампир келтиряпти» дея жавоб берган экан. Бу кампир эса дунё эмиш. Дунё аслида маккор бўлса-да, Оллоҳ дўстларига хизмат қилади. Ҳатто шайтон ҳам бир дарвишнинг чироғини қирқ йил жомеъ масжидига кўтариб борган экан. Зеро, Қуръони каримда ҳам шайтоннинг ҳақиқий ихлос соҳибларини йўлдан адаштиролмаслиги таъкидлангандир (Ҳижр, 15:40) ...

4. Қаноат
Қаноат яшаш учун зарур бўлган эҳтиёжлардан ташқари барча нафсий орзу ва ҳайвоний истаклардан худди жонсиз вужуддек йироқлашув, ейиш-ичиш ва уй-жой хусусида исрофга йўл қўймаслик, хусусан, қилъати таомга риоя этмоқ демакдир.
Исроф қилинмаслиги керак бўлган бу уч нарсани иккига тушириш ҳам мумкин. Чунки уйи бўлмаган одам ғорга ўхшаш жойларда ҳам яшай олади. Бунда исрофга ўрин қолмайди. Кийинишда ҳам зарурий бўлган талаб — вужудни иссиқ-совуқдан асраш, ёпилиш лозим бўлган жойларни ёпишдирки, бундан ортиғи исрофдир. Исроф билан табзир орасидаги фарқ қуйидагичадир: табзир — у ёки бу нарсани кераксиз жойларга сарф этмоқ бўлса, исроф керакли жойларга лозим бўлганидан ортиқча харжлаш демакдир. Шу билан бирга хайрли, мақбул ишларга кўплаб сарфланса исроф эмас, балки савобдир. Чунки амалу ҳаракатларнинг ниятга боғлиқлиги ҳақида ҳам фикр ва мулоҳазалар мавжуд.
Валийлардан бири зиёфат берганида мингта шам ёқибди. Меҳмонлар бунинг исрофлигини айтишганида, мезбон: «Ундай бўлса, ўчиринг» дейди. Йиғилганлар шамларни ўчиришга харчанд уринмасинлар, уларни ўчира олмабдилар. Буни кўрган хонадон соҳиби: «Шамларни ўзимиз учун эмас, Ҳақ учун ёққан эдик. Бу исроф эмаслиги учун ҳам уларни ўчира олмадингиз. Зеро, Ҳақнинг чироғини ва нурини ҳеч кимса сўндиролмас» дея: «Улар Оллоҳнинг нурини оғизлари (яъни беҳуда гаплари) билан ўчирмоқчи бўлурлар. Оллоҳ эса гарчи кофирлар истамасалар-да, Ўз нурини (яъни динини) тўла (яъни ҳар тарафга) ёйгувчидир» (Саф, 61:8) оятини ўқимиш.
Бу йўлдаги солик кунига бир марта овқатланади. Оддий инсонлар эса «...У жойда улар учун эртаю кеч ризқлари ҳозирдир» (Марям, 19:62) оятига биноан кунда икки маротаба емак ейдилар. Бир кунда уч карра овқат ейиш эса исроф
саналади. Куч-қуввати жойида бўлган киши эса савм  висол тутиши яхшироқдир. Зеро,. Ҳазрати Идрис ўн олти йил емай-ичмай, бедорлик билангина вуслатга етмиш...

5. Узлат
Узлат - бамисоли ўликдек халқ билан бирга яшашдан инзиво  ва хилват, ёлғизланиш йўли билан юз ўгирмоқ демак.
Соликнинг ғайбул ғуюб  бўлган Оллоҳга йўналишидир. Шунинг учун у дунёга кўз тикмаслиги, Ҳақдан бошқа ҳеч ким билан олди-берди қилмаслиги шарт. Зеро, Боязид Бистомий (ваф. 261 / 875): «Ўттиз йилдан буён Ҳақ билан суҳбатдаман, халқ эса мени ўзлари билан суҳбатдош дея ўйлайдилар» деган эди. Бистомий халқнинг ботин ҳақиқатига, халқ эса Боязиднинг зоҳирий ва ташқи кўринишига эътибор қиларди.
Узлат сукутдек буюк фазилатни ҳам ўз ичига олади. Чунки узлат ҳаётини яшаган одам суҳбатдош тополмайди, шу боис сукут сақлайди. Сукут эса сулук шартларидандир. Юқорида зикр қилинган узлат муридларнинг, сулук ҳаётига эндигина одим қўйганларнинг узлатидир. У вужуд-ла адо этилади. Муҳаққиқларнинг узлати эса вужудга, қалбга асосланади. Чунки уларнинг қалбларида Ҳақдан ва илоҳий илмдан ўзга ҳеч нима йўқдир.
Узлатнинг сабаби иккидир: мурид ё халқнинг шарридан қочади ёки уларга зарар етказмаслик учун ўзини четга тортади. Иккинчи йўл яна-да яхшидир. Чунки инсоннинг ўз нафси учун суи зан  қилмоғи бошқалар ҳақида суи зан қилишдан кўп карра мақбул.
Муриднинг унга маънавий тарбия берган шайх ва муршидига қилган хизматлари ҳам узлатга киради, асло халқ билан бўлган муносабат ҳисобланмайди.
Айни пайтда шайх зиммасига ҳам бир қанча талаблар юкланади:
1. Шайх Ҳаққа восил бўлган зот комил, мурид тарбиясига қодир бўлиши шарт. Акс ҳолда сулук ниҳоясига етмайди. Бу ҳолатда мурид ора йўлда қолган йўловчига ўхшайди.
2. Шайх муридига шахсан раҳнамолик қилиши керак. Мурид узлат ҳаёти давомида дуч келадиган қийинчиликларни енгиб ўтиши учун шайхидан ажралмаслиги лозим. Буюк сўфийлар сайри сулукнинг икки жиҳати борлигини таъкидлайдилар: бири муриднинг мол ва вужуд билан хизмат кўрсатиши бўлса, иккинчиси, шайхнинг мурид қобилиятига яраша руҳ ва файз бахш этмоғидир.
Бу маълумотлардан кейин шундай дейиш мумкин: икки хил шайх бор. Бири муриднинг ўзи бош эгиб борган шайхидирки, бундаи сўнгра тарбият учун ўша муршиддан бошқа муршид ёки шайх изламоғи ва интисоб қилмоғи унга раво эмас. Бу ҳол шайхи оламдан ўтгуича давом этиши керак. Иккинчи хил шайх эса муриднинг ўз шайхи бўлмаса-да, эҳтиром юзасидан зиёрат этилгаи ва дуоси олинган зот бўлиб, муридга хизмат мажбуриятини юкламайди. Баъзан номи шайх бўлса ҳам замонамизда тубан ва нораво ишлари билан шуҳрат топган, тасаввуфий ҳоллардан мутлоқ бенасиб инсонлар ҳам мавжудки, улар ҳатто зиёрат этишга-да арзимайди. Агар шайх иршод салоҳиятига соҳиб бўлмаса, хизматидан айрилмасдан тариқат ва хонақоҳдаги бошқа ихвон ва дўстлардан фойдаланиш керак. Аммо бундай шайх, албатта, қобилиятли ва шафқатли бўлмоғи лозим. Жумладан, шафқат ёнига келган муридни ҳаргиз рақиб деб билмаслик, билъакс, унинг маънавий мартабаларда таҳликага тушиб қолишидан хавотир олиш маъноларини англатади ва бунга «ихвони филлоҳ» дейилади. Замонамизда эса бундай хислатли ва хосиятли инсонлар камёбдир.
Шайх ғассол га ўхшайди. Шу боис муриднинг шайхи ҳузуридаги ҳолати ғассол олдида турган ва исталган томонга айлантириладиган жонсиз вужудга менгзайди.
Ушбу эътироф муриднинг эътирозни тарк этмоғини англатади. Таслимияти том бўлмагунча шайх ва устоздан баҳраманд бўлиш мумкин эмас. Файз олиш учун қалб робитаси ва алоқаси асосдир. Акс ҳолда, ички дунёси туманли, хизмати нуқсонли, ҳаракатлари ноқис кимса ҳеч вақт кўзланган мақомга кўтарила олмайди.
Шайх валийлик суви ила мурид вужудидаги кирларни ва унга кейинроқ илашадиган чиркинликларни поклайди.
Валийлик сувидан мақсад илоҳий файздирки, инсон бу доира ичига кирмагунча ўша файзни кўнглидан ўтказа олмайди. Бунда назарда тутилган нарса валояти омма эмас, балки валоят ва валояти хоссадир. Вужуддаги кирлар эса Ҳакдан узоқлашув касофати бўлиб, жунубликдек ёқимсиз бир нарсадир. Қуръони каримни фақат покиза бўлганлар қўлга ола билганидек (Воқеа, 56:79), маънан нопоклар ҳам илоҳий сирларга ҳаргиз яқинлаша олмайдилар. Жунублик инсонни масжиддан қандай йироқлаштирса, дунёга боғлайдиган ришталар ҳам инсонни худди шундай Ҳақдан йироклаштиради. Намоз ўқиш учун таҳорат ва ғусл нечоғлик лозим бўлса, тасаввуфий ҳаётда ҳам ботиний софлик ва дунёдан қўл силташ шу даражада зарурдир. Мана шу маънавий поклик учун валийлик суви лозим. Шайхнинг муридга қалбий илмларни ўргатмоғи эса ана шундай кирлардан софланишига сабаб бўлади.
Инсонга илашган чиркинликлар дейилар экан, кенг маънода дунё назарда тутилмоқда. Бундаги «ҳадас»  сўзи интиҳосию ибтидоси йўқ маъносини англатувчи «қадим» сўзининг аксидир. Солик дунё билан боғлиқ сайру сулук изида эмас, аксинча, қадим бўлган буюк борлиқ томон сайру саёҳат ичидадир. Пок бўлмаганлар эса юксак мақомларга ҳаргиз қадам кўя олмайдилар.
Эй ориф! Кўриб турганингдек, тасаввуфнинг аввали нафсий васф ва сифатлардан, охири эса ғайриятдан қутулмоқдир. Бу сифатлардан фориғ бўлмагунча Ҳаққа элгувчи ҳеч қандай йўл топилмайди. Бу ишларнинг сир-асрорини идрок этмай, бу завқни тотмай туриб, бизнинг сўзларимиз маънисини англаш анча мушкулдир...

6. Доимий зикр
Оллоҳдан бошқа ҳар нарсани унутиб, фақат Уни зикр этмоққа давомли зикр дейилади. Зеро, Оллоҳ таоло: «...Унутиб қолдиргаи вақтингизда Парвардигорингизни зикр қилинг...»  дея марҳамат қилгандир. Жумладаги унутиш бир ўлик мисоли Ундан бошқа бутун борлиқларни ва нарсаларни унутмоқни англатадн.
Чунки икки зикр асло бир жойда мужассам бўлмайди. Ҳам дунё ила боғлиқ ишларни, ҳам Оллоҳни зикр этиш имконсиздир. Агар бундай ҳолат юз берса, зикри мутгасил (бир-бири билан бирлашган ва доимий зикр) эмас, балки зикри мунтақий (узуқ-юлуқ ва кесик масофали зикр) қилган бўламиз ва қуллигимизнинг даражаси ҳам шу нисбат-ла кемтик ва қусурли бўлади. Шу боис ҳам Хазрати Оиша Расулуллоҳ ҳолини сўраганларга: «Ул зот ҳар доим зикр қилардилар» дея жавоб берганлар. Пайғамбарларнинг ва буюк валийларнинг оддий муносабатлари ҳам зикр ҳисобланади. Чунки улар барча муомала ва амалларида Ҳақ биландирлар.
Зикрдан мақсад эса асло тил ҳаракати эмас, балки қалб ҳузур-ҳаловатидир. Бундаги давомли зикрдан мақсад ҳам хилват аҳлининг тилдаги доимий зикридир. Муддао эса қалбий зикрнинг бардавомлигини таъминлашдир. Тил зикрининг овоз (зикри жаҳрий) чиқарилиб қилинишида буюк таъсирлар бор. Овозли зикрдан мақсад уни Оллоҳга эмас, билъакс, кўру кар, нафсга эшиттиришдир. Чунки Оллоҳ учун зикрнинг садоли ва садосиз, узоқ ва яқинлиги аҳамиятсиздир. Зеро, барча ашёда тажалли қилгувчи Удир. Зикри жаҳрийга қарши бўлиб, уни ёқтирмаганлар тасаввуфий мақомларнинг ҳолларини англай олмаганлар ва бехабарлардир...

7. Таважжуҳ
Оллоҳга йўналиш (таважжуҳи том) ўлик мисоли Ундан ўзга ҳар қандай борлиққа даъват қилувчи ҳар қандай нарсадан юз ўгирмоқ демакдир. Бу ўринда сўфий учун Оллоҳдан бошқа ҳеч қандай матлуб, маҳбуб ва мақсад йўқ.
Ҳақиқатан Оллоҳга йўналган сўфийда Ундан бошқа изланган ва исталган ҳеч нарса бўлмаслиги шарт. Агар бу орзу Байтуллоҳни зиёрат қилиш бўлса ҳам талаб ўз кучини йўқотмайди. Қалбни бундай ҳису ришталар билан машғул қилмаслик лозим. Акс ҳолда, инсон бутун куч-қуввати ва тафаккури билан Унга йўнала олмайди.
Бу ҳолга етишган сўфийга барча наби ва пайғамбарларнинг мақомлари арз ва таклиф этилади, аммо у бир лаҳза бўлса-да, уларнинг ҳеч бирига илтифот кўрсатиб боғланмаслиги керак.
Чунки мақом ишқи ва муҳаббати бу йўлни тўсадиган ҳисдир. Шу боис солик Ҳақ нақшларидан ўзга нақшни кўзламаслиги зарур. Ҳатто, Ҳақни ҳам «орзу қилмаслиги» шарт. Зеро, У: «...Оллоҳ сизларни Ўзининг (азобидан) огоҳ қилур...»  дея буюрмиш. Чунки бирон нарсани исташда иккилик — истаган ва исталган мавжуд. Ваҳдат аҳли эса бу иккиликни қабул қилмайдилар. Мана шу ҳассосу нозик нуқтада жуда кўп соликлар чалғиб мақсадга ета олмадилар.
Бу хусусда Жунайд Боғдодий шундай дейди: «Бир сиддиқ бир неча минг йил Оллоҳга йўналиб таважжуҳ қилсаю, бир он учун Ундан юз ўгирса, йўқотгани топганидан буюкдир».
Бунда сиддиқ ориф маъносини англатмиш. Ушбу мақомга эришган киши Оллоҳдан юз ўгириши мумкин эмас. Шу боис ҳам фикр фаразан баён этилгандир...
Ақли аввалдан инсонга етган барча мартабаларда ҳам ана шундай ўхшашлик мавжуд. Дастлабки мартабага қараганда кейингисида янада кўпроқ нарсалар бордир. Умуман, инсон барча мартабаларнинг хулосасидир. Ҳазрати Пайғамбар ҳам энг охирги пайғамбар ва бошқа барча пайғамбарлардан устундир. Ҳарфларда худди шундай аҳвол мавжуд: «Ҳу» икки ҳарфдан иборат. Биринчи ҳарф «Ҳ» махорижи ҳуруф (ҳарфларнинг талаффуз ўрни)нинг илк нуқтасида, иккинчи ҳарф бўлган «в» эса сўнгги нуқта бўлмиш лаб билан талаффуз қилинади. Шу боисдан ҳам «Ҳу» барча ҳарфларни ўз ичига олади. Сўфийлар шунинг учун ҳам унинг-ла вирд ва зикр қиладилар. Баъзи тасаввуфий маъноларни инкор ва рад қилмоқчи бўлган бидимдонлар нечоғлик «Ҳу» бор-йўғи бир олмош, олмош билан эса зикр қилиб бўлмайди, дея даъво қилсалар-да, моҳият асло уларнинг назаридаги олмош билан чегараланмайди.
Келгин, сен бу сирни англа! Акс ҳолда, йўлда тўхтаб қоласан ва ўсиб-унмассан.

8. Сабр
Сабр мисли маййит нафсга ҳузур-ҳаловат бағишлайдиган нарсаларга мужоҳада билан барҳам бермоқдир.
Юқоридаги «мужоҳада» калимаси вазифанинг мушкуллигига ишорат қилади. Бу эса нафс истамайдиган нарсаларни унга етказиш билан амалга оширилади. Масалан, нафс ваҳдатни, ёлғизликни хоҳламайди. Касратни, анжуманни улфат ва дўст билади. Ҳавою нафс бандаларида қўним бўлмаслиги шундандир. Улар қишин-ёзин умрларини номашруъ суҳбату йиғинларга бағишлайдилар, ёмои нарсалар тилларидан тушмайди, шеърхонликни шайтонга ўхшаб ўзларининг қуръонларига айлантириб олганлар. Инчунин, ҳадисда: «Жаннатнинг атрофи машаққат ва мушкулотлар билан, жаҳаннамники эса орзую ҳаловатлар билан ўралгандир» дея айтилгандир.
Эй мўъмин! Ана шу нуқтада адашма! Қалбинг қайси томонга майл этгани ва йўналаётганини яхши бил! Қара, инсонлар қандай қилиб бир ақчани Жаннатдан қизғанадилар, аммо минг ақчани Жаҳаннамдан аямайдилар.
Шу тариқа нафс улфатлик қилган ва истаган нарсаларини унга бермасдан намунали, чиройли йўл устида тўппа-тўғри юришни таъминлашда сабот кўрсатиш керак. Зеро, Оллоҳ таоло: «Улар (ўз динлари йўлидаги бало-кулфатларга) сабр-тоқат қилишгач, Биз улардан (одамларни) ҳидоят қиладиган пешволарни чиқардик. Улар Бизнинг оятларимизга аниқ ишонар эдилар» (Сажда, 32:24) дея марҳамат қилмоқда.
Тариқатдаги асл муддао интисоб қилиш эмас. Тариқат воситадир. Бу йўлда юриб, манзилу мақомга етишмоқ лозим. Ундаги «истиқомат» тариқатдан кўп муҳимдир. Оллоҳ таоло бир оятида: «Албатта, «Парвардигоримиз Оллоҳдир» деб, сўигра (ёлғиз Оллоҳга тоат-ибодат қилишда) тўғри — устивор бўлган зотлар...»  (Фуссилат, 41:30) дея буюрмоқда. Демак, бу икки фазилатни бирлаштириш зарур. Аслида истиқомат ҳам тариқатлардаги муҳим унсурдир. Шунинг учун мазкур оятда сабр ва унинг натижаси ҳақида хабар берилмоқда. Шу боис хоҳ мурид, хоҳ муршид бўлсин, сабр қилиш асосдир. Сабрсизлар муршид ҳам, раҳбар ҳам бўла олмаслар.

9. Муроқаба
Муроқаба қулнинг худди жонсиз кишидек барча куч-қувват ва ҳаракатлардан ажралмоғидир.
Бундаги ҳавл (ҳаракат) бир ҳолдан иккинчи ҳолга ўтмоқ бўлиб, бу Оллоҳнинг лутфидир. Шу боис дуоларда: «Эй ҳолу ҳаракатларни ўзгартирувчи Оллоҳ...» деган жумла ишлатилади. Ҳақнинг муҳаввил (ўзгартирувчи) эканлигини муроқаба қилитд Уни шу сифат билан мушоҳада этиш демакдир. Куч-қувват ҳам Ундадир. Зеро, Оллоҳнинг гўзал исмларидан бири ҳам Қавий  эрур.
Диққат билан назар қилсанг, улкан ва оғир тегирмон тошини сувнинг қуввати айлантиради. Тошнинг айланувчилик қобилияти ҳам бор, аммо асосий ҳаракатлантирувчи куч барибир сувдир.
Бу мақомдаги солик итоат ва амали солиҳ ила Унинг лутфини орзу қилади, илоҳий армуғонларини кутади. Ундан бошқа бутун борлиқлардан юз ўгириб, Унинг ишқи дарёсига чўмади, Унга қовушиш иштиёқини ҳис қилади, ва ниҳоят, Унинг ҳузурида шавққа тўлиб йиғлайди. Фақат Унга суянади ва фақат Ундан мадад истайди.
Илоҳий армуғонлар важд, илм, файз каби ҳоллардир. Шубҳасиз, булар ҳар кимнинг мартабасига ярашадир. Унинг лутфи эса амали солиҳ орқали сўралади. Бу ҳадиснинг маъноси қуйидагичадир: «Ё Раб! Авфу мағфиратга йўл очадиган амали солиҳда муваффақият насиб этгайсан...»
Маънавий мақомларга кўтарувчи нарвоннинг пояси амали солиҳдир. Поясиз нарвон билан ҳеч жойга чиқиб бўлмаганидек, амалсиз ҳам ҳеч бир мартабага эришиш мумкин эмас. Чунки амали солиҳ илоҳий амрдир. Унинг амрига итоат қилмаган Унга етолмайди. Бу мавзу тасаввуфда ўта муҳим мавзулардан бўлиб, бир қанча муридлар шу боис ора йўлда қолиб кетишган. Амалу ибодатга аҳамият бермаганлар бир алоқа ва риштадан ўзини халос этса-да, яна мингтасига рўбарў бўлади. Шунинг учун ҳам «Молини севган мафтун, бола-чақасини севган мағбун (алданган) ва ҳолини севган мажнун бўлур» дейишади...
Ниҳоят, Оллоҳ таоло Ўзининг буюк нури билан солик учун ҳеч ким беркита олмайдиган раҳмат эшикларини очади ва ҳеч ким очолмайдиган азоб эшикларини ёпади.
Бундаги «раҳмат»дан «раҳмати хосса», яъни хос раҳмат назарда тутилган бўлиб, қурб ва вуслатнинг тимсолидир. «Азоб» ҳам хос маънода Ундан узоқ ва айро қолмоқликни англатади. Шундан ҳам равшанлашмоқдаки, вуслатдан сўнг ҳижрону айрилиқ йўқдир. Абу Сулаймон Дороний (ваф. 215 / 830) «Вусулдан ортга қайтмоқ йўқ», демишлар. Мана бу сўз ҳам мавзуимизга оид: «Фано мартабасига етишган киши яна олдинги васфларга қайтмайди» (Калабозий, «Ат-таарруф»). Бу худди пайвандланган дарахт эски ҳолига қайтолмаслиги ва олтиннинг мис бўлолмаслигига менгзанади.
Нафси аммора мушоҳада ва риёзат йўли ила ўттиз йилда йўқотилиб бўлмаса-да, мана шу мартабада тез йўқоладн. «Ахёр» дея ном олган бундай сўфийлар: «Мен нафсимни оқламайман. Чунки нафс – агар Парвардигоримнинг Ўзи раҳм қилмаса - албатта, барча ёмонликларга буюрувчидир. Дарҳақиқат, Парвардигорим мағфиратли, меҳрибондир» (Юсуф, 12:53) дея ишорат қилган зотлардир.
Бу жамоанинг нафси нафси марҳума дирки, улар жаноби Ҳақнинг хос раҳмати ила шарафлангандирлар, узоқ чўзиладиган мушоҳада ва риёзатга эҳтиёжлари йўқ. Чунки бу усул ишқ, муҳаббат ва жазбага асосланган усул ва сулук шаклидир...
Қуръони каримда ҳам таъкидланганидек (Фурқон, 25:70), Оллоҳ уларнинг ёмонликларини яхшиликларга айлантиради ва бундай кишилар «аброр» дея ном оладилар .
Аброр ҳолига мақоми мағфират дейилади. Авф ва мағфират орасида тафовут бор. Авф ёмонликларни бутунлай чиқариб ташламоқ, мағфират эса яширмоқдир. Оллоҳ учун бунинг ҳеч қандай мушкуллиги йўқ...
Ва «аброр» дея ном олган бу гуруҳнинг яхшиликларн «муқаррабин»нинг ёмонликларига ўхшайди. Оллоҳ таоло: «Чиройли амал қилган зотлар учун гўзал оқибат ва зиёда неъматлар бордир ...» (Юнус, 10:26) дея буюрмиш.
Мана шу кенглик ва кўплик Оллоҳ лутфларининг шарофати демак. Уларнинг энг буюги эса руъят, яъни илоҳий жамол мушоҳадасидир. «Оллоҳ истаганига бергувчидир» ҳукми эса мукаррабинлар тоифаси ҳақида...

10. Ризо
Ризо - бир марҳумнинг таслимияти мисоли нафс розилигидан айрилиб, ҳеч бир азалий ҳукмига эътироз қнлмай, муноқаша қилмасдан барча ишларини Унинг абадий тадбирларига ҳавола қилмоқ ва шу тариқа Унинг ризосига эришмоқ демакдир.
Инсон ва қул орасидаги энг гўзал ахлоқ ризо ва таслимият бўлиб, Ҳазрати Иброҳим ҳамда ўғли Исмоил ўртасидаги воқеа тилларда достондир  (Саффот, 37:99 — 110). Баъзи сўфийлар шундай дейдилар: «Жамъи ишларимга севгилимни вакил қилдим, истаса ҳаёт бағишлайди, истаса ўлдиради».
Ризо аҳлига кўра, лутф ва қаҳр айни бир нарса. Иккиси ҳам маҳбубдан келади. Ўртадаги тўсиғу пардалар кўтарилиши билан ҳар иккаловининг ҳам бир нарса эканлигини кўриш мумкин.
Кимки, бу дунёнинг пардаларидан, қоронғу васфларидан қутулса ва ихтиёрий равишда нафсини ўлдирса, Оллоҳ уни инояту ёрдами билан қайтадан тирилтиради. Зеро, Қуръони каримда ҳам: «Аввал ўлик (кофир) бўлган, сўнгра биз уни (динга ҳидоят қилиш билан) тнрилтириб, унга одамлар орасида ўзи билан бирга олиб юрадиган нурни (иймонни) бериб қўйганимиз бир киши — зулматларда қолиб кетган ва ундан ҳеч чиқувчи бўлмаган кимсага ўхшайдими?!...»  (Анъом, 6:122) дейилмишдир.
Шуурли ўлимдан кейинги бу ҳаётга «ҳаёти ҳаққонийя» деб ном берилган. Бунда фоний нечоғлик эриб оқиб кетса, боқий шунчалик устуворлашади. Ва бундан кейин боқийнинг ҳукми вожиб бўлади.
Яъни тошдек қаттиқ ва мустаҳкам бўлган «Ана - Мен»нинг қоронғуликларидан халос айлаб, раббоний васфларимиз ила унга ҳаёт бағишлаймиз.
Ушбу пардаларнинг очилишидан кейинги ҳол пайванди дарахт мевасининг аввалги ҳосилга ўхшамаслиги кабидир.
Сўнгра унга жамолимиздан бир нур улашамизки, энди сўфий инсонлар орасида фаросат ила уларнинг ҳолларини мушоҳада қилади.
Басирати очиқ бўлганлиги боис ориф халқ ҳолларини англайди, аммо халқ бундан бехабар қолади. Фаросат руҳнинг илоҳий бир қувват ила мулоҳазаю тафаккурсиз ғайбий маъноларни англамоғидирки, бунга фаросати ақлийя, кашфийя ва илоҳийя ҳам дейилади.
Солик моддадан маънога интиқол этади ва ушбу фаросат уни асло адаштирмайди. Бундан бошқа фаросати табиийя ҳам борки, унинг адаштириши эҳтимолдан холи эмас. Фаросат соҳибларининг мартабаларини зса тўрт асосий гуруҳга ажратиш мумкин:
1. Иймон. Кенг маънода барча мўъминларнинг ҳолидир ва дарахт гулига ўхшайди.
2. Валоят. Хос мўъминларнинг сифатидир. Бу мартаба эҳсон мартабаси деб ҳам номланади. Дарахтнинг мевасига ўхшайди, чунки иймон, илм ва амали солиҳдан мақсад мушоҳада мақомига юксалмоқдир. Зотан, дарахт ҳам меваси учун экилади.
3. Нубувват. Ахосул хаввос — хосларнинг хоси мартабаси. У меванинг ўзи кабидир.
4. Рисолат. Бу эса ўзнинг ўзи кабидир. Биринчи ва иккинчи мартаба касбий, яъни мужоҳада ва ғайрат билан қўлга киритилади. Кейинги иккитаси эса ваҳбий, Оллоҳнинг лутфидир.
Ҳар валий ҳам бир жиҳатдан ўзнинг ўзидир. Аммо Пайғамбарга нисбатан сирт ва пўст ҳисобланади. Энг юксак мартаба эса Ҳазрати Муҳаммадга оиддир...
Оллоҳга ҳамд бўлсин, бу шарҳ Шайх Исмоил Ҳаққи  тарафидан 1137 (1724) йилда Бурсадаги Ломеий Муҳаммадий масжидига туташ кутубхонада ниҳоясига етказилди . Ушбу дастурхондан маънавий насиба олганларга офият ва бу шарбатдан ичганларга соғ-саломатлик тилайман.
Аҳли ҳидоят муҳибларига эса саломлар бўлсин.




ШАЙХ НАЖМИДДИН КУБРО

«УСУЛИ АШАРА»дан

«Усули ашара» асари «Рисолаи одобу-з-зокирин», «Рисолату-т-туруқ», «Рисолаи одобу-с-соликин», «Ақрабу тариқи илаллоҳ» деган номлар билан ҳам юритилган. Бу асарга кўплаб шарҳлар ёзилган. Улар орасида Исмоил Ҳаққи Бурсавийнинг «Шарҳи усули ашара»си (1291/1874 ) машҳур бўлиб, 1957 йилда Мустафо Қора томонидан қайта нашр этилган. Абдуғафур Лорийнинг «Шарҳи рисолаи одобу-з-зокирин» асари (таржимон М. Қодиров) Урганчда 1997 йилда нашр этилган. Туркия нашри асосида Иброҳим Ҳаққул ва Азиза Бектош «Тасаввуфий ҳаёт» мажмуасини яратиб, унга «Усули ашара»ни ҳам киритганлар. Мажмуага кейинги нашрлар асос бўлди: Шайх Нажмиддин Кубро. Тасаввуфий ҳаёт (Таржимон ва нашрга тайёрловчилар: Иброҳим Ҳаққул, Азиза Бектош). — Т.: Моварауннаҳр, 2004. -Б.32-81.
« So'nggi tahrir: 26 Mart 2014, 00:08:37 muallifi AbdulAziz »

 

Najmiddin Kubro

Muallif shoirBo'lim Sharq mumtoz she'riyati

Javoblar: 1
Ko'rilgan: 18599
So'nggi javob 23 Iyun 2008, 18:20:09
muallifi shoir
Qur'oni karim. Alouddin Mansur tarjima va sharhi

Muallif AbdulAzizBo'lim Islomiy kitoblar

Javoblar: 607
Ko'rilgan: 747848
So'nggi javob 07 Iyun 2009, 02:24:55
muallifi AbdulAziz
Qur'oni karim. Abdulaziz Mansur tarjima va sharhi

Muallif Muhammad AminBo'lim Islomiy kitoblar

Javoblar: 621
Ko'rilgan: 549692
So'nggi javob 07 Iyun 2009, 02:24:43
muallifi AbdulAziz
Turk usuli Bulg'or do'lma

Muallif AnsoraBo'lim Turk oshxonasi

Javoblar: 2
Ko'rilgan: 4136
So'nggi javob 09 Yanvar 2012, 15:53:21
muallifi Ansora
Turk usuli yaproq sarma

Muallif AnsoraBo'lim Turk oshxonasi

Javoblar: 1
Ko'rilgan: 2677
So'nggi javob 18 Dekabr 2011, 13:55:55
muallifi Ansora