Muallif Mavzu: Xoja Ahmad Yassaviy  ( 14895 marta o'qilgan)

0 Foydalanuvchilar va 1 Mehmon ushbu mavzuni kuzatishmoqda.

AbdulAziz

  • Forum Administratori
  • Mega Member
  • *******
  • Rahmat
  • -aytdi: 6942
  • -oldi: 12023
  • Xabarlar: 20359
  • Jins: Erkak
  • Sevelim, sevilelim. Yunus Emre
    • Ziyo Uz
Xoja Ahmad Yassaviy
« : 22 Aprel 2010, 08:21:12 »
Xoja Ahmad Yassaviy



Muallif: Nasafiy
Hajmi: 109 Kb
Fayl tipi: pdf, zip
Saqlab olish
Online o'qish
Ilm o'rganish - Allohdan qo'rqish, uni talab qilish - ibodat, izlash - jihod, bilmaganga o'rgatish - sadaqa, uni o'z ahliga o'rgatish - Allohga qurbatdir. Ilm - tanholikda hamroh, hilvatda - do'st, to'g'ri yo'l ko'rsatuvchi - dalil, begonlar oldida - eng sodiq do'st, Jannat yo'lining minorasidir.
Hazrati Umar ibn Hattob r.a.

Ansora

  • Mega Member
  • *******
  • Rahmat
  • -aytdi: 12698
  • -oldi: 12894
  • Xabarlar: 19275
  • Jins: Ayol
Re: Xoja Ahmad Yassaviy
« Javob #1 : 25 Aprel 2010, 13:48:53 »
ТУРК ДУНЁСИ ЮЛДУЗЛАРИ

Насафий
(Евгений Ефимович Березиков)

ХОЖА АҲМАД ЯССАВИЙ

ТОШКЕНТ
Ғафур Ғулом номидаги
Адабиёт ва санъат нашриёти
1993

Русчадан МАҲКАМ МАҲМУД таржимаси


Ҳаётлик чоғидаёқ орифлар султони деган номга сазовор бўлган Хожа Аҳмад Яссавий қабри Шарқ мусулмонларининг муқаддас қадамжосидир. Насафий (Е. Березиков) ушбу бадиасида кўплаб ривоятлар ва муайян далилларга суяниб, у зотнинг ҳаёти ва исломни тарғиб қилиш, мустаҳкамлаш борасидаги фаолиятини ёритган. Унда Яссавийнинг Бухородан Яссига келиши ва 63 ёшидан бошлаб ер остига кириб яшаши сабаблари ҳақида ҳам сўз боради.


Каломи шарифда Оллоҳнинг минг битта исми борлиги айтилади. Муҳаммад пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламнинг олти юз исми бор экан. Туркистонда ва бутун дунёда машҳур азиз авлиёлардан Аҳмад Яссавийнинг табаррук ўн бир исмини ёд этишади. Ислом динида табаррук номлар беҳудага айтилмайди. Бу муборак номларда теран рамзий маънолар бор.
Зеро, инсонлар ўзига берилган исмлар билан дунёдаги барча жонли ва жонсиз мавжудотлардан фарқланиб туради. Исмларда эзгу ниятлар ёхуд хашаки ҳою ҳаваслар акс этади. Қадимги Юнонистон донишмандлари «исм—қисматдир», деб бежиз айтишмаган.
Баъзи исмлар ўша инсоннинг тириклигидаёқ унутилиб кетади, баъзи табаррук исмларни эса асл фарзандларига инсониятнинг ўзи беради.
Бизнинг замонамизгача етиб келган қадимий бир муҳрда Туркистонлик авлиёнинг ўн бир исми нақш этилган.
Қул Хожа Аҳмад ибн Иброҳим ибн Маҳмуд ибн Ифтихор ибн Исҳоқ ҳазрати Султон ал-орифин Аҳмад Яссавий тарих олдида, халқ олдида ва Оллоҳ таоло назарида қандай хислатлари ва маънавий-маданий мероси билан бунчалар азизу мукаррамлик топган?
Алишер Навоий «Насойим ул-муҳаббат»да ёзишича, Хожа Аҳмад Яссавий «Мақомати олий ва машҳур, каромати матоволий (кароматгўйлиги юксак) ва номахсур (қусурсиз) эрмиш... Имом Юсуф Ҳамадонийнинг асҳобидиндур».
  Аҳмад Яссавий Туркистоннинг Чимкент кенти яқинида, Сайрам қасабасида таваллуд топган. Отаси Иброҳим ибн Маҳмуд ибн Ифтихор шажараси пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломнинг қизлари Фотима авлодидан, ўн биринчи бўғинда авлиё шайх Исҳоқ бобога туташгандир. Аҳмад Яссавийнинг онаси Қорасоч ойим иродали, доно ва гўзал аёл эди. Шайх Иброҳим ва Қорасоч ойимнинг ҳурмату нуфузи баланд эди. Туркистонда, Сайрамда ҳозиргача Иброҳим ва Қорасоч ойим мозоридан зиёратчиларнинг қадами узилмайди.
Аҳмад Яссавий маноқиб (ҳаётнома)ларида унга етти ёшлик чогида туркий халқларнинг авлиёларидан Арслон Бобнинг назари тушгани айтилади. «Девони ҳикматда ҳам шу ҳақда далолат бор:

Етти ёшда Арслонбобға қилдим салом,
Ҳақ Мустафо амонатин қилинг инъом,
Ўшал вақтда минг бир зикрин қилдим тамом,
Нафсим ўлуб ломаконға оштим мано.

Ривоятларга кўра, Расули акрам Муҳаммад алайҳиссалом 63 ёшида фоний дунёдан боқий дунёга риҳлат этиш олдидан асҳобларини чақириб: «Қай бирингиз омонатимни (ислом дини рамзини) келгуси издошларига еткизгайсиз?»—деб сўраганлар. Шунда авлиё Арслон Боб бу юмушни зиммасига олган. Ривоятга кўра, ўша пайтда сайёҳ дарвеш (қаландар) Арслон Боб уч юз ёшга кириб, дунёдаги ўттиз уч хил дин билан танишиб, шулар орасидан ислом динини танлаган экан. Пайғамбар с.а.в. шундан сўнг омонатини Арслон Бобга топшириб, кўнгиллари тинчигач, Оллоҳ ҳузурига йўл олган экан. Орадан 500 йил ўтганида ҳазрати Арслон Боб чўлда кетаётиб етти ёшли Аҳмад Яссавийни учратган. Гўдак Аҳмад авлиё Арслон Бобни таниб: «Устоз, менинг омонатимни беринг!»— деб сўраган экан.
Ушбу ривоятда теран мажозий маъно бор. Ҳазрати Арслон Бобни бошқа биров эмас, гўдак Аҳмад Яссавий учратгани ва уни таниб, эътиқод ва иймон юкини келгуси авлодларга етказишдек оламшумул вазифани зиммасига олгани бежиз эмас, албатта. Бундай шараф кўнгли пок ва худо йўлида беғараз жасоратлар кўрсатувчи валий одамларга насиб этади. Кўнгилни поклаш учун инсон, айниқса, ўзидаги сон-саноқсиз иллатлардан қутулмоғи зарур. Бунинг учун одам ўзи билан ўзи олишмоғи, нафс ва ғараз, кибру ҳаво, тамагирлик аждарларини енгмоғи зарур. Ўз-ўзига аёвсиз танқидий назар билан қараб, ўзига қатъий таънаю дашномлар бермоғи даркор.

Нодонларга эсиз сўзум, ҳайф ҳикмат,
Одамман деб белин боғлар, қони ҳиммат?
Дунё учун бир-бириға қилмас шафқат,
Золимларга асир бўлуб ўлдим мано.

Золимларни шиква қилма, золим — ўзунг.
Хўюнг — риё, таъсир қилмас халққа сўзунг.
Дунё молин тўло бердим, тўлмас кўзунг,
Ҳовосларни сижжин ичра солдим мано.

«Девони ҳикматда айтилишича, ёш Аҳмад пири Арслон Бобни дафн этгач, дунё кезиш учун олис йўлга отланади. Ислом динининг Шарқдаги маёғи Бухорои шариф Аҳмадни ўзига тортар эди. Овруполиклар ўша вақтлардаёқ бу шаҳарни иккинчи Румо (Рим) деб атардилар. Бухорода замонасининг энг буюк алломаларидан шайх Юсуф Ҳамадоний шогирдларига сабоқ берарди. Уни зиёрат қилишга Бухорога етти иқлим дарвешлари излаб келар эдилар. Сўфийлар устози Юсуф Ҳамадонийнинг шогирдлари бениҳоя кўп эди.
Ислом динида сўфийлик оқими, дарвешлар пайғамбар замонасидаёқ вужудга келган. Сўфийлар шариат қоидаларини ўрганиб,бу билан чекланмай, яна маърифат ва ҳақиқатга, ҳаққа етишга интилар эдилар. Сўфийлар тариқатида тақвога катта эътибор бе-риларди. Зуҳд ва тақво — кўнгилни фоний дунё гуноҳларидан, ғараз, тамаларидан тозалаш ва Худо буюрганига амал қилиб, Оллоҳ маън этган ишлардан сақланиш демакдир. Сўфийлар фикрича, илоҳий ишқ ҳар қандай ғаразли манфаатлардан холи бўлиши зарур. Тасаввуф таълимотига кўра, борлиқдаги ҳамма хилқатларда, хусусан, одамзодда ҳам илоҳий зарралар бор, сўфийнинг мақсади — кўнглидаги илоҳий зарраларни узоқ ва машаққатли покланиш йўлидан бориб, яна Оллоҳга қайтаришдан иборат.
Аммо сўфийлик оқимлари яхлит, бир бутун ва бир хил эмас, балки турличадир. Зиддиятли фикрлар ранг-баранглигидан иборатлиги туфайли у ўз тараққиёти давомида кўп машаққатларга, қийинчиликларга учради. Айниқса, уларнинг Оллоҳ жамолига муяссар бўлиб, унга қўшилиб кетиш ҳақидаги таълимоти жуда катта куфр, осийлик, шаккоклик саналарди. Ҳаққа етишиш деган тушунча ҳам турлича талқин этиларди. Ана шундай куфру гуноҳга ботган мутасаввуфлардан бири Мансур Халлож шариат қозилари, ислом дини арбоблари ва халифалик томонидан таъқиб этилди. Гап шундаки, кимлардир шайх Ҳусайн Мансур Халлож ҳар кеча ўз уйида шогирдлари, издошларини тўплаб, ўзини Худо чоғлаб, шубҳали суҳбатлар қилар экан, деган чақув етказган. Шу, чақувга биноан соқчилар унинг уйини ўраб олиб, ҳамма суҳбатдошларини ҳибс этиб, Бағдод зиндонига қамашган. Биринчи сўроқ пайтидаёқ шогирдлари шайх Ҳусайнни Худо даражасида биламиз, унга сажда қиламиз, у само сирларини бизга ўргатади, деган куфр гапларни айтишган. Бу гапларни Мансур Халлож рад этиб: «Мен ўзимни Худо ёки пайғамбар деб билишимдан Худонинг ўзи асрасин!» деган экан. Алишер Навоий «Тарихи анбиё ва ҳукамо» асарида ёзишича, Жунайд Бағдодийнинг эшигини тақиллатган Мансур Халлож: «Кимсан?» деган саволга «Ҳақман», деб жавоб берган, Жўнайд Бағдодий унга: «Сен Ҳақ эмассан, лекин Ҳақни билурсан», деган экан.
Хуллас, Мансур Халложга оғир айб қўйилиб, мақтал (эшафот) майдонига олиб борилган. Мусулмонлар йўлда уни тошбўрон қилганлар. Шайх уларнинг бу ишидан ғазабланмай: «Эй, Худо, булар не қилаётганини ўзлари билмайди, уларни кечиргин!»— дейди. Шайхнинг бир қўлини чопиб ташлаганларида, у: «Занжирбанд одамнинг қўлидан жудо қилиш осон, лекин фозиллигини тор-тиб олиш жуда мушкул санъатдир!»— дейди. Жаллод Халложнинг яна бир қўлини чопиб ташлагач, у тирсакларидаги қонни бир-бирига суртиб: «Оллоҳга ишқимнинг исботи учун қоним билан таҳорат қилмоқдамен!»—дейди. Сўнг у қонли тирсагини яноғига суртиб: «Одамлар мени қўрқувдан ранги оқарди, демасин, бу дунёни қизарган юз билан тарк этмоқдаман!» дейди. Шайхнинг оёқларини ҳам кесиб ташлагач, у истеҳзо билан: «Менинг яна икки таянчим бор: бири — менинг Худога ишқим, иккинчиси — Худонинг менга бўлган ишқи! Мана шулар охиратда менга таянч бўлғуси, шу таянчларимни чопиб ташлаш қўлларингиздан келмас!» дейди. Мансур Халлож ана шу тариқа фожиона қатл этилди. (Навоийнинг ёзишича, «Шайх Шублий дебтурлар: «Улча ул (Халлож) деди, мен ҳам дерман. Аммо мени телбалик қутқарди ва ани ақл гирифтор қилди».)
Аммо Халлож таълимоти тез унутилиб кетмади. Издошлари унинг шуҳратини жаҳонга ёйиб, ҳақиқат байроғига айлантиришди. Халложнинг ана шундай издошларидан бири машойихлар устози Хожа Юсуф Ҳамадоний эди (Навоий ёзишича, Бухорода улкан тасаввуф мактабини яратган Юсуф Ҳамадонийнинг минглаб шогирдлари орасида АҳмаД Яссавий, Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний, Абдуллоҳ Барқий, Ҳасан Оидоқий ва бошқалар бор эди).
Аҳмад Яссавий «Девони ҳикмат»да тасаввуф пири Мансур Халлож аҳволини бундай байтларда шарҳ этади:

Айтмагил «анал-Ҳақ» деб, кофир бўлдунг Мансур деб,
Қуръон ичра булдур деб, ўлдурдилар тош отиб.
Ривоятлар битилди, ҳолин ани билмади,
Мансурдек авлиёни қўйдилар дорға осиб.

Кулин кўкка совурди, элтиб дарёға солди,
Завқ дарёси мавж урди, оқди дарё қайношиб.
Ўшал кун ул дарё қилди афғон вовайло,
Ошиқларға, Худоё, қилғил дийдоринг насиб...

Бундай фикрларга келиш учун Аҳмад Яссавий узоқ ва машаққатли муридлик — шогирдлик йўлларини босиб ўтди ва сўфий-дарвешлар пирига айланди. Юқорида айтганимиздек, Аҳмад Яссавий шайх Юсуф Ҳамадонийга шогирд эди.
Етти иқлимга донғи кетган Юсуф Ҳамадоний 95 йил умр кўриб, 38 марта Мовароуннаҳр ҳудудидан пою пиёда Каъба зиёратига борган эди. Юсуф Ҳамадонийни пир тутган муридлардан 213 таси машҳур шайхлар бўлиб етишиб, Бухородагина эмас, балки Дамашқ, Ҳирот, Марв, Бағдод ва Қоҳира шаҳар, вилоятларида софлик, сўфийликни тарғиб қилар эдилар. Юсуф Ҳамадоний ҳақида Навоий «Насойим ул-муҳаббат»да бундай ёзади: «Олим ва имоми раббонйй ва орифи соҳиб-аҳвол вал-мавоҳибул жазила вал-каромат вал-мақомату-й-жамила. Ибтидода Бағдодға борди ва Шайх Абул-Исҳоқ Шерозий мажлисида мулозамат қилди ва иш юқорилашди ва фиқҳ илмида ва ўзга илмда, ҳусусан, назар илмида фоиқ бўлди. Тасаввуфда интисоби шайх Абу Али Фарюмадийғадур ва дебтурларки шайх Абдулла Жувайний ва шайх Ҳасан Симноний била суҳбат тутубтур»: Аҳмад Яссавий мазкур шайх Юсуф Ҳамадоний шогирдларидан ва хулафоси (ўринбосарлари)дан эрди. Шайх Юсуф Ҳамадоний шогирдларига тасаввуф, ҳаққа етишиш сирларини ўргатар экан, ёмон ишлардан тийилиш, тавба-тазарру, сабот ва сабр, софдиллик, фақирлик ва дунё (молу мансаб)дан этак силкиш фазилатларига эътиборни қаратди.
Шайх Ҳасан Басрийнинг ривоят қилишича, бир куни Расули акрам с.а.в. яқин сафдошларидан Али ибн Абу Толиб, Абу Бакр Сиддиқ, Умар ибнул Хаттоб, Усмон ибнул Аффон ва Онас ибнул Маликни ҳузурига чорлаб, уларга «Қуръон»нинг 13, 18, 33-суралари асосида зикр пайтида Оллоҳни қандай шарафлаш сирларини ўргатган, Мутасаввифлар шариат, маърифат мақомларидан ўтгач, ҳақ-ҳақиқатга яқинлашадилар. Юсуф Ҳамадонийнинг айтишича, пайғамбар Муҳаммад алайҳиссалом шогирдлари билан дуруд ва зикр тушиш пайтида хонагоҳ эшиги ёпиқ турган. Баъзиларнинг айтишича, хонагоҳ эшиги очиқ, аммо ичкари қоронғу бўлган. Мутасаввифлар фақир киши панада, дегандай, бирор нарса тамаъида у ёқ-бу ёққа бош эгиб бормайдилар. Улар ўзларини садаф ичидаги гавҳарга ўхшатадилар. Ҳеч нарсадан тамаълари йўқлигидан хирқа (чопон) ларининг енглари жуда узун бўлиб, қўллари беркинган бўларди.
Шундай қилиб, Аҳмад Яссавий йигирма ёшигача Бухорода ва бошқа шаҳар, вилоятларда илм-маърифат ўрганди. Ўзида барча инсонларга хос хилма-хил иллатлардан қутулишга интилди.

Пири муғон Ҳақ Мустафо бешак, билинг,
Қайда борсанг васфин айтиб, таъзим қилинг.
Дуруд айтиб, Мустафоға уммат бўлинг,
Ул сабабдин олтмиш учда кирдим ерга.

Ун тўққузда етмиш мақом зоҳир бўлди,
Зикрин айтиб, ичу тошим Тоҳир бўлди.
Қайда борсам Хизр бобом ҳозир бўлди,
Ғавс-ул-ғиёс май ичурди, тўйдим мано.

Ёшим етди йигирмага, ўтдим мақом,
Биҳамдиллоҳ, пир хизматин қилдим тамом.
Дунёдаги қурту қушлар қилди салом,
Ул сабабдин ҳаққа ёвуқ бўлдим мано.

Аҳмад Яссавий мутасаввифлар қоидасига кўра, илм-маърифат ҳосил қилиб, иршод олганидан кейин ҳам фақирлик йўлини танлаб, бирор ерда муқим уй-жой қилмай, шаҳарма-шаҳар, қишлоқма-қишлоқ юриб, халқни, ҳукмдорларни иймон, эътиқодга, инсоф-диёнатга, мардлик-эранликка даъват қилган.

Эй бехабар, ишқ аҳлидин баён сўрма,
Дард истагил, ишқ дардига дармон сўрма.
Ошиқ бўлсанг, зоҳидлардин нишон сўрма,
Бу йўлларда ошиқ ўлса товони йўқ.

Зоҳид бўлма, обид бўлма, ошиқ бўлғил,
Меҳнат тортиб ишқ йўлида содиқ бўлғил.
Нафсни тийиб, даргоҳига лойиқ бўлғил,
Ишқсизларни ҳам жони йўқ, имони йўқ.

Бу ерда Аҳмад Яссавий зуҳд, тақвони юзаки тушунган, илмига амал қилмайдиган зоҳидларни қоралайди. (Кейинчалик, Навоий ҳам ана шундай юзаки зоҳидларни қоралаган.) Аслида сўфийлар орасида ҳам ўзларини авлиё кўрсатиб, софман деб мақтаниб, нопок ишлар қиладиган риёкорлари оз эмасди. Хожа Аҳмад Яссавий «Ҳикматлар»да маънавий устози Арслон Боб сўзларини эслатиб, ана шундай тамаъгир диндорларни қаттиқ қоралайди:

Толибман деб айтурлар, валлоҳ, биллоҳ, ноинсоф,
Номаҳрамға боқарлар, кўзларида йўқ инсоф,
Киши молин ерлар, чун диллари эмас соф,
Арслон бобом сўзларин эшитингиз, табаррук.

Пир хизматин қилдик деб, толибман деб юрарлар,
Ебон ҳаром-ҳаришни, кулбориға урарлар,
Кўзларида ғами йўқ, ҳалқа ичра кирарлар,
Арслон бобом сўзларин эшитингиз, табаррук.

«Девони ҳикмат» асосида Яссавий ҳаётини ўрганиш шуни кўрсатадики, Қул Хожа Аҳмад фақат йирик дин арбоби бўлибгина қолмай, ажойиб шоир ва буюк мутафаккир файласуф ҳамдир.
Унинг ўз атрофидаги ҳаёт мураккабликлари ва зиддиятлари ҳақидаги кузатишлари ғоят нозик ва теран мушоҳадаларга бойлиги билан ажралиб туради. Бир замонлар гуллаб-яшнаган, илму урфон юксакликка етишган Буҳорода ҳам, унинг атрофларида ҳам шоҳлар ва ҳокимлар, вазирлар ва ҳатто олимлардан ҳиммат, маърифат, инсоф-диёнат йўқолиб бораётгани шоирни қаттиқ ташвишга солади.

Дунё менинг деганлар, жаҳон молин олғонлар,
Каркас қушдек бўлибон ул ҳаромға ботмишлар.

* * *

Аҳли дунё, халқимизда саховат йўқ,
Подшоҳларда, вазирларда адолат йўқ.
Дарвешларнинг дуосида ижобат йўқ,
Турлук бало халқ устига ёғди, дўстлар.

* * *

На онода раҳм қолди, на отода,
Оға-ини бир-бириға можарода.
Мусулмонлик даъво қилур, ичар бода,
Мастлик билан қариндошин топди, кўрунг.

Нокас, хасис, бедиёнат қуллар ҳоким,
Манманлик ҳаддин ошиб бўлди золим,
Халқ ичинда хор бўлдилар дарвеш, олим,
Ҳимояти халқни кофир бўлди, кўрунг.

Кўриниб турибдики, Аҳмад Яссавий тарки дунё қилган ҳужранишин эмас, балки ҳаётнинг барча ноҳақликларидан, барча ижтимоий ҳодисалардан тўлқинланувчи нозик қалб эгаси, руҳан бой, комил инсон эди. Тарихдан маълумки, Аҳмад Яссавий халқ орасида катта шуҳрат топган, камбағал, ғарибларнинг ҳимоячиси эди. Бухорода пири муршиди Юсуф Ҳамадоний қазо қилгач, халифларидан энг етуги сифатида солиқлар (сулук) етакчиси бўлиб қолди. (Кейинроқ, Яссавий ғойибот даъватига кўра, шогирдларнинг мутобаатини (тобелигини) Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийга қолдириб, ўзи Туркистонга кетади.) Ҳаётнинг барча тамаъларидан, ғаразларидан узоқликда, покдомонликда Хожа Аҳмад ҳаққа етишган валийлардан эди. У, энг кўп обрў, шуҳрат ортирган пайтларида ҳам фақирона кийинар, ғарибларча еб-ичар, аввалгидан кўпроқ тиловат ва ибодат қилар эди.
Аммо, ўша замонларда ҳам руҳонийлар орасида бадавлат муридлар ҳисобига мол-дунё ортирадиган тамагир шайхлар, пирлар топилар эди. Аҳмад Яссавий ана шундай риёкор шайхларни кескин танқид қилади. Хожа Аҳмаднинг бизгача етиб келган «Расоил» («Рисолалар») асарида бундай фикрларни ўқиймиз:
«Охир замон келганида шундай осий ва хофий шайхлар чиқадурки, алар шайтон алайҳил-л-лаънага устозлик қилурлар, барча халқ уларга (ипсиз) боғланурлар ва алар фирибгарлик ила муридларни овлаюрлар. Ушал осий шайхлар муридларидан мол-пул ундирурлар ва аларнинг кўнгиллари куфру залолатдан қутулолмас. Андоқ пирлар кофир ва золимларга хайрихоҳ бўлурлар ва совға-салом бермаганларни писанд этмаслар ва алар учун шариат қонунларининг қадри сариқ чақача бўлмас. Андоғ пирлар номаҳрам аёлларға кўз олайтурурлар ва гуноҳ ишлар қилурлар ва яна Худои таоло марҳаматига умид боғлаюрлар. Андоғ пирлар чин шайхларга нафрат билан қарарлар, аларнинг шогирдлари залолат-ойин ва ўзлари хоин бўлурлар. Ва яна алар хорлик ва кўзда ёш ила муридларининг уйларига бош уриб, хайр-садақа талаб қилурлар ва агар муридлари алар тилаган нарсаларни бермасалар, сўкиб, қарғаб, «сендан юз ўгирурман, Худо ҳам сендан юз ўгирур, деб дўқ ва пўписа қилурлар».
Аҳмад Яссавий «Расоил» асарида қодир холиққа ҳам, ожиз халойиққа ҳам садоқатли Худо суйган чин сўфийлар ва шайхлар қандай йўллардан боришлари зарурлигини тушунтириб шундай ёзади: «Чин шайх олган садақаларини шунга эҳтиёж сезган муҳтожларга ва ғарибларга улашур. Мабодо олган садақаларини ўз нафсига ишлатса, ит теккан таомдай ҳаром бўлур. Агар закотга олган матоҳидан либос тикиб, ўзи кийса, рўза намози Худо даргоҳида қабул бўлмас. Агар шайх олган садақаларини ўзи еса, охиратда Ҳақ таоло унга дўзахда турли азоблар берур. Андоғ шайхларга қўл берган муридлар ҳам кофир бўлурлар. Охир замонда мундоғ лаънаткорда шайхлар кўпаюр, улар қўзғаган ғалаёнлар Дажжол ғалаёнларидан ортиқ бўлур. Мундоғ шайхлар шариатга ва тариқатга ва ҳақиқатга ва маърифатга хиёнат қилурлар...»
Аҳмад Яссавий ҳикматлари, ўгит-насиҳатлари шогирдлару барча халойиққа тез етиб борар ва таъсир кўрсатарди. Чин мусулмон шайх ва сўфийлар шоирга хайрихоҳлик ва эҳтиром билан қарар эдилар. Хожанинг «Расоил» каби асарлари Бухородагина эмас, балки Туронзамин ва ундан ташқарида ҳам кенг тарқалган эди. Тарихчилар гувоҳлик беришича, Қуръони карим ва Суннат пайғамбар ҳадисларидан кейин Аҳмад Яссавий ҳикматлари энг кўп шуҳрат топган эди. Бу асарларида Хожа руҳоний устоз-пир бўлибгина қолмай, муридларидан ташқари, барча давлат арбобларига муносиб, ҳалол ва адолатли яшаш йўлларнни ўргатарди. Шеърий ҳикматларида орифлар султони халқ ҳаётига доир барча долзарб, муҳим муаммоларга фаол муносабатини билдирарди. Хусусан, шоир мусулмонларга, ғайри миллат вакилларига ҳам озор берманг, деган пайғамбар сўзларини эслатарди.

Суннат эрмиш кофир бўлса берма озор,
Кўнгли қаттиқ дилозордан худо безор.

* * *

Бу дунёда югрук отға минғучилар,
Ҳарб кунида муборизлик қилғучилар,
Олмос-пўлот қилич-қурни чорғучилар,
Ажал келса бегу хонни қўймас эрмиш.

Банда неча ёш яшаса ўлмаги бор,
Кўрар кўзга бир кун туфроғ тўлмаги бор.
Бу дунёда сафар қилғон келмаги бор,
Охиратға сафар қилғон келмас эрмиш.

Бундан 800 йил муқаддам валийлар султони Аҳмад Яссавий шундай оддий ва доно сўзларни айтган эди. Ул зот бу сўзларни замондошларига қарата айтган бўлсада, булар бизнинг кунларда ҳам замонавий жаранглайди. Ҳар қандай куч-қудрати, мол-давлати бўлса ҳам, охири бир кун ўлишини билмаган одамлар ўзаро низолашадилар, мол-дунё талашадилар. Қорабоғда, Осетияда, Фарғонада, Ўш ва Ўзганда, Болтиқбўйида хунрезликлар қиладилар. Утган 800 йил давомида иисониятнинг заррача ақли ўсмаганга ўхшайди. Аслида бу ёвузликларни халқларни алдайдиган дажжолсифат «раҳнамолар» уюштирадилар. Аммо, ўзгаларни алдаб, мол-дунё йиғувчи баднафслар ҳам халқ орасида камми? Шундай кезларда Хожа Аҳмад Яссавий ҳикматларига қайта-қайта мурожаат этиш эҳтиёжи сезилади.
Хожа Аҳмад Яссавий шеърларидагина эмас, амалда ҳам адолатли ва мардона иш тутар эди.
У, Бухорода, чексиз муридлари, шогирдлари орасида ҳурмат-иззатда яшаётганига қарамай, илоҳий даъват билан ёлғизликни ихтиёр етди ва Туркистон сари отланиб, Ясси шаҳридаги мозорда ер остиға кириб яшади. Ривоятларга кўра, сарҳалқайи силсилайн машойихи турк Аҳмад Яссавий ўз устозлари Арслон Боб ва Юсуф Ҳамадонийга ҳам устоз саналган, шариат ва ҳақиқатда энг комил инсон — пайғамбар Муҳаммад алайҳиссалом 63 ёшда вафот этганига мотам тутиш учун шу ишни қилган, дейдилар. Ҳикматларда ҳам шунга яқин фикр бор:

Олтмиш учда нидо келди, қул, ерга кир,
Ҳам жонинг мен, жононинг мен, жонингни бер,
«Ҳу» шамширин қўлга олиб нафсингни қир,
Биру борим, дийдорингни кўрарманму?

* * *

Қул Хожа Аҳмад сўзлагани Ҳақни (нг) ёди,
Эшитмаган дўстларига қолсун панди,
Ғурбатланиб ўз шаҳрига қайтиб ёнди,
Туркистонда мозор бўлиб қолдим мано.

Аслида ҳам Аҳмад Яссавий 1103 йилда туғилиб, 1166 йили вафот этган, деган фикр бор. Аммо баъзи ривоятларда уни 130 йил яшаган, дейишади. (Туркияда нашр этилган мўътабар «Ислом қомуси»да Аҳмад Яссавий Бухородан 1160-йили кетгани айтилади.)
Фикримизни ойдинлаштириш учун Али Сафийнинг «Рашаҳот айнул ҳаёт» китобидаги қуйидаги парчага ҳам эътибор бермоқ керакка ўхшайди: «Бу хонадон машойиҳлари қадасоллоҳу арвоҳаҳумнинг мутаххирларидан баъзисининг рисоласида мазкурдирким, Хожа Абдуллоҳ Барақий ва Хожа Ҳасаннинг (бу зотлар Ҳамадонийнииг аввалги икки халифаси) вафотларидан сўнг вақтеким, навбати хилофат Хожа Аҳмад Яссавийга етушди, Бухорода халқни даъват этмоққа машғул бўлдилар. Неча вақтлардин сўнг аларга ишорати ғайбий бўлиб, Туркистон тарафга азимат этдилар». Агар Хожа Ҳасан Ондоқийнинг вафотлари рамазон ойининг йигирма олтисида, сана беш юз эллик иккида (мелодий тахминан 1157—58-йиллар) рўй берганини ва Яссавий яна бир-икки йил Бухорода қолганини инобатга олсак, қомусда келтирилган сана тўғрилигига ишонч ҳосил қиламиз.
Ривоятлар замирида ҳақиқат борлиги шубҳасиз. Азиз-авлиёларнинг моддий ҳаёти эмас, руҳий ҳаёти асосий эканини назарда тутсак, унинг руҳи ҳамон яшаётганини эътироф этишимиз керак. Бу табаррук зотнинг валийлиги ҳам шундай ноёб ва покиза руҳ соҳиби эканлигида-ку!
Хожа Аҳмаднинг 63 ёшида Яссида ер остига кирган вақтидан унинг ҳаётида сифат жиҳатдан янгича ҳаёти бошланади. Бу ердаги ҳаёт ўзгача вақт қонуниятлари асосида кечади. Бу дунё ташвишларидан қутулиб, фақат илоҳий, руҳий оламда яшаш барчага ҳам насиб этавермайди. (Бундай олий ҳолатни Яссавий ҳадиси шарифга асосланиб, «ўлмай туриб ўлиш» («Мўта ло тамўтад») деб атайди. Бундай одам моддий ҳаёт чегарасидан ўтиб, нури Муҳаммадийга яқинлашади. Бундай авлиё энди сўфий дарвешлардай жарангли зикр билан шуғулланмай, дилида тоат-ибодат қилади. Валий Оллоҳ жамолини ўзидан фақат жон пардасигина тўсиб турганини англайди.
Аҳмад Яссавий («Расоил»да) инсон кўкрагида беш гунбаз борлигини айтади: 1) қалб ёки кўнгил (чап кўкракдан икки енлик пастда); 2) руҳ (ўнг кўкракдан икки энлик пастда); 3) сирр (қалбнинг юқорисида); 4) хофий, яъни махфийлик (гунбази); 5) ихфо, яъни эзгулик гунбази. Демак, Аҳмад Яссавий руҳий оламнинг барча гунбазларини дилига жо этган. Энди унинг Ҳақ таоло билан мулоқот қилишига кундалик икир-чикир ташвишлар халал беролмайди. Донишманд «Девони ҳикмат»да шунинг учун «Ҳақнинг сўзини эмас, ўзини бил», дейди.

Чин ошиқлар доим тирик ўлган эмиш,
Арвоҳлари ер остига кирган эмиш,
Зоҳид, обид бу маъдони билган эмиш,
Чин ошиқлар халойиқни Хизри бўлгай.

Хожа Аҳмад Бухородан она юрти Туркистонга қайтиб, ер остидаги ҳужрага кириб яшай бошлагани хабари тез орада чўл ўлкасининг олис гўшаларигача маълум бўлди. Шу кундан бошлаб ёшу қари бу табаррук зотни зиёрат қилиб, этагини ўпиш, ҳақ сиррини сўраб билиш учун дарёдай оқиб кела бошлади. Аммо шайх Аҳмад улар қошига фақат онда-сонда чиқар ва ўгитларини айтар эди. Кўп вақтини ер остида тоат-ибодат билан ўтказарди. Олий руҳий олам сирларига етишгани учун у нафсидан, кибру ҳаводан кечган эди. Қуйидаги байтларда буни яққол кўриш мумкин:

Жондан кечган чин ошиқлар дунё демас,
Нафси ўлук, обу таом ғамин емас.
Бу дунёда суду зиён бўлса билмас,
Дунё келиб, жилва қилса боқғони йўқ,

Айни вақтда шоир ўзини ўзгалардан устун қўймайди, валийман деб, кибру ҳавога берилмайди, аксинча, ўзига танқидий руҳ билан қарайди. Ўзини ва ўзгаларни камтаринликка чақиради.

Йўлдан чиқиб озганимни билмадим мен,
Ҳақ сўзини қулоғимга олмадим мен,
Бу дунёдан кетаримни билмадим мен,
Сўрар бўлса мен қул анда не қилғайман?

Айрим манбаларда Аҳмад Яссавий 4400, бошқа манбаларда 9900 ҳикмат айтган дейишади. (Шоирнинг ўзи девонида «Тўрт минг тўрт юз ҳикмат айтдим, ҳақдин фармон», дейди. Иброҳим Ҳаққуловнинг ёзишича, турк олими Комил Эрарслон бу рақамни кейинги шоирлар тўқиган, деган фикрни айтади.) Бизнингча ҳам, 4400 рақами рамзий маънода ишлатилган. Аслида гап шоир ҳикматларининг сонида эмас, мазмунидадир.
Мақбара биносининг асосий пештоқи жануби шарқ, яъни қибла томонга қаратиб қурилган. Ён тарафдаги пештоқлар шунга мувофиқ жануби ғарб ва шимоли шарқ тарафга қараган. Марказий дахма ғиштин гумбазининг бўйламаси 18,2 газга боради.
Ҳазрати султон Аҳмад Яссавий хоки устида қад кўтарган ушбу мақбарани муҳташамлиги жиҳатидан дунёда нодир саналувчи Мисрдаги Хеопс эҳромига ва Ҳиндистоннинг Агра шаҳри шоҳ Жаҳон қурдирган Мумтоз Маҳал (ёки Тожмаҳал) мақбарасига қиёслаш мумкин. Аммо ҳар йили дунёнинг ҳамма бурчакларидан Туркистонга минглаб ва ўн минглаб зиёратчилар мақбаранинг муҳташамлиги учун эмас, балки Аҳмад Яссавийнинг табаррук хотираси учун келадилар. Қейинги вақтларда Яссавий каби нодир осори атиқалар қайтариб берилганидан сўнг бу ерга келувчи зиёратчилар оқими янада кўпайди.
Амир Темурнинг авлиё Хожа Аҳмад Яссавий мақбарасини қурдириш тарихига доир бир қанча ривоятлар бор. Бир ривоятда айтилишича, «Соҳибқирон Олтин Ўрда хонларинн енгиб, уларнинг ерларини фатҳ этгач, мўғул хонлари билан яхши муносабат ўрнатиш мақсадида вилоят ҳокими Хизр Хўжа хоннинг қизи малика Тугал (ёки Тўқал) хонимга уйланишга аҳд қилган. Самарқандда келинни кутиб олиш учун жуда ҳашаматли бир боғ барпо этилиб, унга боғ! Дилкушо деб ном берилган. Тўйга ҳамма тайёргарлик тахт бўлгач, Амир Темур келинни кутиб олиш учун Чиноз ўрлигига, сўнг Ясси шаҳрига борган ва у ерда намоз ўқиб, Қуръон тиловат қилган. Сўнг авлиё Хожа Аҳмад Яссавий мозори устига муҳташам мақбара қуришга фармони олий берган. Машҳур тарихчи Шарафиддин Али Яздийнинг «Зафарнома»сида ҳам бу улуғ воқеа ҳақида қуйидагилар ёзилган: «Унинг гумбазини шундай бунёд этсинларки, айланаси юз ўттиз газ ва ўз чизиғи қарийб қирқ газ келсин. Қурилиш тамом бўлгач, баландлиги ҳам ўзига муносиб тарзда кўтарилсин, девору қуббаси кошинлар ила безатилсин, эшиги етти хил маъдан қотишмасидан тайёрлансин, ўртасида бир ҳовуз барпо этиб, унинг юзини ҳам етти маъдан қотишмасидан қопласинлар. Қабр устига қўйиш учун табризий мармар келтирсинлар, уни нозиклик билан тарашласинлар ва ажойиб нақшлар-ла безасинлар». Қурилишга мутасадди этиб мавлоно Убайдуллоҳ тайинланган. Яна шу асарда ҳазрати Хожа Аҳмад Яссавий мозоротига Ясси атрофидаги дала, боғ ва анҳорларни вақф қилиб, хатвасиқа ила берилгани айтилади. Яссавий мачитининг мутавалийси ҳазрат Дарвеш Али имомлигида хутба-намоз ўқилгач, бинокор усталар мақбара биносини қуриш учун дарҳол ишга киришдилар. Аммо, эртасига эрталаб келиб қарасалар, кеча қурилган мақбара биноси ғойиб бўлибдир. Бу кун ҳам яна намоз-тиловат ўқилиб, яна бинони тикладилар. Учинчи куни келиб қарасалар яна бино йўқ бўлиб қолибди. Шундан сўнг уламо ва шайхлар йиғилиб, нима қилиш керак, деб маслаҳатлашадилар. Доно одамлардан бири бундай маслаҳат беради: «Азизлар, валий мозорида бизга йўл очилмаётганига сабаб — биз ота-боболаримиз удумларини унутиб қўйганимиздир. Аслида аждодларимиз қонунига кўра ишни Хожа Аҳмаднинг пири ҳазрат Арслон Боб мозоридан бошлашимиз керак эди», деб маслаҳат берди. Алқисса, бинокор усталар шундай қилишди. Улар Шавлдор қишлоғи (ҳозирги Чимкент вилоятининг Қизилқум тумани)га бориб, ҳазрати Арслон Боб мозорида чиройли сағана қуриб битказдилар Бу билан одамлар Аҳмад Яссавий устозининг руҳини хотирлаб, зиёратчиларни ҳам севинтирдилар. Шундан сўнг улар Туркистонга қайтиб, Аҳмад Яссавий мақбарасини қуришга киришдилар. Уч йил давомида муҳташам бинони тамомлаб, ташқи деворларга ва дахма устидаги қобирғали гумбазларга сайқал беришга киришдилар. Пештоқини эса қуриб битказишга улгуролмадилар.
Яссавий мақбарасидаги яна бир ажойибот зиёратчилар эътиборини тортади. Соҳибқирон Темур фармони билан масжид ва хонагоҳ дарвешлари ва зиёратчилар учун 60 челак сув сиғадиган катта дошқозон ясалган. Оғирлиги 2 тонна, четининг айланаси 2,75 газ келадиган, етти хил металл: темир, рух, қўрғошин, қалай, қизил мис, кумуш ва олтин қоришмасидан ясалган мазкур қозон табризлик оҳангар уста Абдул Азиз ибн Шарафиддин ва унинг шогирдлари қўли билан ясалган. Бу қозонга ўхшаш нодир ажойибот дунёнинг бошқа ҳеч бир диёрида учрамайди. Байрам, ҳайит (ийд) кунлари Яссавий мачитига сон-саноқсиз ибодат қилувчилар келганида, бу қозонга шу мақбара остидан чиқадиган муқаддас булоқ сувидан тўлдириб, одамларга улашилган. Зиёратчилар кўнгиллари покланиб, касалликлардан фориғ бўлиб кетишган.
Муқаддас қадамжонинг ороми 1864 йили чор босқинчилари томонидан бузилиши ҳеч қандай ақлга сиғмайди. Генерал Черняев бошчилигидаги чор аскарларининг мустамлакачилик юришида қатнашган полковник Верёвкин мақбарага қарата артиллериядан ўқ узишга буйруқ беради. Тўп излари битмас чандиқ мисоли унинг деворларида сақланиб қолган. Чор ҳукумати қадамжони таъмирлаш учун анчагина маблағ ажратади. Лекин пул билан оғир асоратни бутунлай битказиш мумкинми?!
Камина ҳам 1990 йилнинг декабрида Аҳмад Яссавий мақбарасида ўтган халқаро бир анжуманда қатнашиш шарафига муяссар бўлдим. Ушбу анжуманда ЮНЕСКОнинг «Буюк ипак йўлидаги маданий алоқалар: Аҳмад Яссавий олами» дастурномасига кўра дунёнинг йигирма беш мамлакати вакиллари қатнашдилар. Мақбаранинг меҳроби олдида Қуръон тиловат қилинди. Мен ҳам тиловатга қўшилиб, савобга дохил бўлдим. Имоним комилки, Туркистондаги бу муқаддас даргоҳга келган ҳар бир покдил инсон ўзини бахтиёр ҳис этади.
« So'nggi tahrir: 26 Mart 2014, 00:07:25 muallifi AbdulAziz »

 

Xoja Ahmad Yassaviy. Devoni hikmat (yangi topilgan namunalar)

Muallif shoirBo'lim O'zbek mumtoz adabiyoti

Javoblar: 73
Ko'rilgan: 53725
So'nggi javob 21 Iyul 2008, 08:31:14
muallifi AbdulAziz
Sultonul orifiyn Xoja Ahmad Yassaviy

Muallif AbdulAzizBo'lim Tasavvuf

Javoblar: 1
Ko'rilgan: 15787
So'nggi javob 25 Aprel 2010, 12:43:39
muallifi Ansora
Ahmad Yassaviy hikmatlari eng zo'r hikmatlar.

Muallif Muhammad AminBo'lim She'riyat

Javoblar: 33
Ko'rilgan: 47045
So'nggi javob 27 Fevral 2012, 11:10:59
muallifi Shuhrat_
Ahmad Yassaviy. Devoni hikmat (turkiy yozuvida) خواجه احمد يسوى - ديوان حكمت

Muallif AbdulAzizBo'lim O'zbek mumtoz adabiyoti

Javoblar: 139
Ko'rilgan: 41874
So'nggi javob 24 Fevral 2010, 07:30:14
muallifi AbdulAziz
Ahmad Yassaviy. Hikmatlar

Muallif AbdulAzizBo'lim O'zbek mumtoz adabiyoti

Javoblar: 0
Ko'rilgan: 16554
So'nggi javob 17 Dekabr 2010, 11:28:55
muallifi AbdulAziz