[XII]
Достон оғози ва шоҳ Баҳромнинг сайдға парвози ва Монийи суратгардек ғариб қушни сайд қилғони, балки анга сайд булғони ва монийи фалаки нақшбоздин ажаб сурат юз кўргузгандек, Дилоромнинг дилрабо суратин кўргузгани ва Баҳромнинг риiтаи тоқатин ул суратдин узгани
Муъбадеким вараққа чекти рақам
Ким, не навъ ўттилар мулуки Ажам1.
Шоҳ Баҳром ишин қилиб оғоз,
Қилди тарих сафҳасиға тироз.
Буйла ёздики: чун сипеҳри баланд,
Қилди жоҳин анинг фалак пайванд.
Салтанат сурди моҳ то моҳи,
Моҳ то моҳи-эл шаҳаншоҳи2.
Руму Чин бўлдилар анга маҳкум,
Балки хоқони Чину қайсари Рум.
Шамъи давлат фалак ёрутти анга,
Рубъи маскун қарор тутти анга.
Саркаш эл қилди сарфигандалиғин,
Етти иқлим шоҳи бандалиғин,
Тожварларға бож этиб таъйин,
Шоҳларға хирож этиб таъйин.
Мулк аро қўйди бу сифат дастур
Ки: «агар ройи ҳинд, агар фағфур,
Ҳар неким қилдилар қабули хирож,
Кимса бормоққа бўлмайин муҳтож,
Ҳар йил они хизона қилғайлар,
Тахт сори равона қилғайлар».
Жонға миннат қўюб, бу ишда мулук,
Тутубон бу тариқни маслук.
Неки дастур эди, билурлар эди,
Ҳар йил они адо қилурлар эди.
Яна ҳар туҳфаи гаронмоя
Ким, бўлур шоҳларға пироя.
Қайси мулк ичра не бўлур ҳосил,
Бўлур эрди хизонаға восил.
Озу кўп ҳарне бўлса қиймат аро
Тутулур эрди молдин можаро.
Шаҳғаким, ишрати мудом эрди,
Соз бирла суруд ком эрди.
Кўп эди хизматида руд аҳли,
Базмида жонфизо суруд аҳли.
Ҳар тараф ҳамки, бўлса эрди бу хайл
Ҳозир этмакка айлар эрди майл.
Шавқида ихтиёри йўқ эрди,
Кўрмай они қарори йўқ эрди.
Сайдсиз бўлмас эрди ороми,
Анда руду суруд эди коми.
Уқи ҳар сайд сори топса кушод.
Захмидин сайд эмас эди озод.
Тўкубон сайд қони пай-дарпай,
Анга ҳамранг тортар эрди май.
Сайд айлаб ўтар замон ногоҳ,
Бўлса сарманзиле анга дилхоҳ
Тушубон, топиб анда кому фараҳ,
Айш этиб, тортар эрди неча қадаҳ.
Лаҳни чангу рубоб эди ҳарён,
Сайд этидин кабоб эди бирён.
Бир кун ушбу сифат шикор айлаб,
Бир бийик пуштаға гузор айлаб.
Топибон жонфизо ҳавосин анинг,
Кўрубон дилкушо фазосин анинг.
Базм асбобин айлаб омода,
Тушуб анда ичар эди бода,
Ҳам муғанний чекиб фалакка хурўш
Ҳам етиб кўкка бонги нўшо-нўш.
Шаҳни май ул бисоти хуррам аро,
Солибон ҳардам ўзга олам аро,
Кўрубон олам ичра шоҳ ўзин,
Олам аҳлиға қиблагоҳ ўзин.
Ҳам димоғини бода айлаб хуш,
Ҳам қулоғида нағмаи дилкуш.
Чун тааммул қилиб бу жоҳу жалол,
Кўнглига ҳар дам ўткариб бу хаёл:
«Ким бу шукронағақи, қилди илоҳ,
Мени бу навъ олам аҳлиға шоҳ.
Элни шод айламак керакдурмену
Адлу дод айламак керакдурмен.
Комсиз комин айламак ҳосил,
Бенаволарни айламак хушдил»,
Ишни мундоғ шумора айлар эди,
Лек ҳар ён назора айлар эди.
Буйла ишлар тутар эди ўзига,
Дашт аро учради биров кўзига
Ким, борур эрди йўлға солиб хез,
Лаҳза-лаҳза хиромин айлаб тез.
Шаҳ хаёл эттиким эрур ноком,
Ёёқ этмак бу навъ йўлға хиром.
Кўнгли майл айлади бағоят анга,
Айламак истади риоят анга.
Бир мулозимға ҳукм қилдики:
«Бот Миниб отингға элт яна бир от.
Ул мусофирни отға миндургил,
Чоптуруб хизматимға еткургил!»
Қосид улён чу маркабин сурди,
Шаҳ буюрғондек они келтурди.
Шоҳ чун сўрди лутф этиб они,
Ўпти ер сойири биёбоний.
Кўптию сурди сўз фасоҳат ила,
Сўзида чошни малоҳат ила.
Бўлубон сўз демакка афсунсоз,
Қилди андоқ саноу мадҳ оғоз
Ким, эшитганлар офарин дедилар,
Пок лафзин дури самин дедилар.
Кўрмади шаҳ муносиб ул турмоқ,
Еқинида буюрди ўлтурмоқ.
Қўюб олиға гуна-гуна таом,
Егач-ўқ туттилар тўла-тўла жом.
Чун мусофир бошиға чиқти май,
Шаҳ сўрар эрди, нукта пай-дарпай.
Неки, шаҳдин бўлуб хитоби анинг,
Шаҳ писанди тушуб жавоби анинг.
Билди шаҳким: ҳарифи даштнавард,
Бор эмиш кордону оламгард.
Сўзда чун кўп ғаробатин кўрди,
Яна ондин ғариб сўз сўрди:
«К-эй жаҳон мулкига қадам урғон,
Пушти по бал жаҳонға ҳам урғон.
Уйла маълум ўлур каломингдин,
Яна сарсар киби хиромингдин
Ким, санга кўп улум эрур маълум,
Ҳам урубсен басе маконға қудум. .
Ҳам ўз аҳволинг эт аён бизга,
Ҳам ани айлагил баён бизга
Ким, чу урдунг мусофиратға қадам,
Шаҳр қатъ эттингу биёбон ҳам.
Шак эмаским басе ғариб умур2,
Санга бўлмиш сафар аро манзур.
Неки, андин ғариб кўрмайсен,
Турфа андоқ ажиб кўрмайсен.
Ўзунга бизни соҳиб асрор эт,
Ул ниҳон нуктадин хабардор эт.
Сенки, борсен замон элида ғариб,
Санга бўлғон жаҳон ичинда ажиб,
Икки бас турфа хол бўлғусидур,
Иш алардек маҳол бўлғусидур.
Иккисин4 деки, бархабар бўлали,
Икки нодирға баҳравар бўлали».
Ер ўпуб раҳрави жаҳонпаймо,
Деди: «К-эй комрони лутфнамо,
Гарчи бу сўз демакда ожизмен,
Демас эрдим бу сўзни ҳаргиз мен
Ким, ниҳони ривоятим бордур,
Бас ажойиб ҳикоятим бордур:
Менки, бу дашт раҳнавардимен,
Ўз ишимда замона фардимен.
Бўлмади кимса, ёру дамсозим,
Демадим ҳам кишига ўз розим.
Асрадим ҳам ўзумни пинҳони,
Ҳам бу розеки ойтқум они.
Ғаразим бу эдики пўя-уруб,
Даштлар қатъ айладим югуруб.
Шоҳ Баҳромким, жаҳон шаҳидур,
Чарх анинг ғубори даргаҳидур.
Даргаҳиға ўзумни еткурсам,
Туфроғиға кўзумни еткурсам.
Ҳам анга айтибон нишонимни,
Ҳам десам нуктаи ниҳонимни.
Анга етмай бу сўзни сўрдунг сен,
Булъажаб иш манга буюрдунг сен.
Демасам, сендин асру мамнунмен,
Десам, ўз мақсадимға мағбунмен.
Гарчи сен ҳам азимшон кишисен,
Олам аҳлида шаҳнишон кишисен.
Анга ўхшарки, бўлмасанг Баҳром,
Санга ҳам бас баланд келди мақом.
Шибҳисен, гар йўқ эҳтимоли анинг,
Мисоли сен, гарчи йўқ мисоли анинг.
Баски мардумлуғунг манга етти,
Мен киби турфа қушни сайд этти.
Лек мақсудум ўзга ҳол эрди,
Анинг олинда қийлу қол эрди.
Кўнглума қўйдунг икки ғам доғи,
Демасам ҳам ёмон, десам доғи».
Шаҳ бу сўздин очилди боғ киби,
Тил чекиб шуълаи чароғ киби.
Деди: «К-эй дашт аро шитобанда,
Билки жўянда, келди ёбанда5.
Бахт комингни айламиш ҳосил
Ким, топибсен мурод, сен ғофил
Ташна лаб бўлма, баҳр ёнинда,
Қилма шеван, тараб маконинда.
Нукта сурғилки, ҳосил ўлмиш ком
Ким топибсен, гар истадинг Баҳром».
Билди раҳравки, гарчи чекмиш ранж,
Рўзи ўлмиш анга не янглиғ ганж.
Саждаи шукр айлабон тоза,
Деб дуо беқиёсу андоза.
Ер ўпуб, ўлтуруб адаб бирла,
Қилди оғоз сўз тараб бирла
Ким, шаҳ икки ҳадис қилди савол,
Бир бу эрдики: «Айт ўзунгдин ҳол».
Мустамиъ бўлса арз этай они,
Мени дерлар жаҳон эли Моний6.
Кўп билик бирла хотирим маъмур,
Лек тасвир ила бўлуб машҳур»,
Шаҳ худ эркондурур анга толиб,
Шавқи васлиға асру кўп роғиб.
Кўнглини уйла шодмон топти,
Дегасен ўлмиш эрди жон топти.
Қучуб этти кўп илтифот анга,
Янги боштин бериб ҳаёт анга.
Лутфу эҳсон ила кўп этти карам,
Сўрди лекин икинчи сўзни7 ҳам.
Берди рови фасонаға тақсим,
Деди: «Сайр айладим ети иқлим.
Ҳар не офоқ аро ғариб эрди,
Они кўрмак манга насиб эрди.
Онча эрмас эди булар бори
Ким, чу қилдим гузар Хито сори.
Тожире етти моли ҳаддин кўп,
Моли кўп тожире ададдин кўп.
Дур ила лаъли баҳру кон чоғлиқ,
Қадри юз хожаи жаҳон чоғлиқ.
Нақди юз минг тумандин ортуғроқ,
Жинс анга худ дегандин ортуғроқ.
Ҳар сифат туҳфаси ниҳоятсиз,
Бебаҳо лаълу дурри ғоятсиз.
Лек бир дур бўлуб анга рўзи,
Қайси дур, моҳи мажлисафрўзи.
Маҳваши луъбати хитойизод,
Кўруб андин Хитоу Чин бедод.
Ҳуснича одами нишон бермай,
Киши кўрмай аники, жон бермай.
Кўрган ўлмакка қилмаса оҳанг,
Вой ул. дамки, олса илгига чанг.
Чанги чун жонфизо садо чекса,
Ўзи ул савт ила наво чекса.
Кўрса ёхуд эшитса ким они.
Қолмағай бир, гар ўлса минг жони.
Мен киби кимса чекса юз минг тил,
Бўлмағай васфи шарҳи юз минг йил.
Хожа зебин анинг изофа ясаб,
Сандалу уддин маҳофа ясаб.
Пўши дебойи чин, вале неча ранг
Ким, анга атласи фалак ҳамранг.
Лаълу дурдин мукаллал ул дебо,
Ичида моҳ пайкари зебо.
Уду сандал била ясаб анга чанг,
Зуҳраваш чолмоғ айлабон оҳанг.
Хожа байъин тилаб паривашнинг,
Зуҳра бир, муштарий вале юз минг.
Бўлуб аҳли ғино жавоҳирсанж,
Ҳаддин ортуғ тўкуб жавоҳиру ганж.
Ганжу гавҳар анга баҳо бўлмай,
Муштарий8 ҳожати раво бўлмай.
Васлиға элнинг эҳтиёжи бўлуб,
Анга қиймат Хито хирожи бўлуб.
Майл қилди бурун Хито хони,
Байъ қилмоқ бериб баҳо они.
Бўлмай аркони давлати хушнуд,
Дедиларким «Бу ишда йўқтур суд
Ким, чу сен бу хирож анга бердинг,
Бўлғонингни анга баҳо бердинг.
Ўзунг ўлдунг сипоҳ маҳжури,
Шаҳ худ истар хирож дастури.
Еғи ўлсанг анга сипоҳинг йўқ,
Бўлса ҳам, разму дастгоҳинг йўқ.
Нафс комиға изтироб этма,
Ўзнию мулкни хароб этма».
Шаҳ бу сўзни эшитгач ўлди хамуш,
Халқ бемоя хожа сайрфуруш.
Менки, бор эрди хизматинг комим,
Ёр ўлуб бахти неку фаржомим.
Қуллуғунг сори чун мурур ўлди,
Туҳфаи топмоғим зарур ўлди.
Ранг ҳайвон сувиға зам қилдим,
Ул пари суратин рақам қилдим.
Гар беайниҳ ул ўлмаса бори,
Шак эмаским эрур намудори»,
Деб чиқорди ҳарир чини соз
Ким, юзинда рақам эди бу тироз.
Кўзи бирла аритти гардин анинг,
Қўпти филҳол очиб, навардин анинг.
Қўйди шаҳ хизматида фарзона,
Шаҳ пари кўргач ўлди девона.
Маҳв ўлуб кимса бирла демади сўз,
Андин оқшомғача кўтармади кўз.
Тинмайин айлар эрди наззора,
Шоҳни қилди ишқ бечора.
Жониға сурати бало тушти,
Булъажаб сурате9 анга тушти.
Кўрди Моний чу ҳолида тағйир,
Деди: Шоҳо ишингға қил тадбир
Ким, фалак ҳодисотидин ногоҳ,
Бўлмағай амре ўлғуча огоҳ.
Гар иликдин ўшул пари кетгай,
Анга улдам илож ким этгай?»
Деди шаҳ: «К-эй бу ғамда дармоним,
Роҳати жону офати жоним!
Мени бу сурат айлади шайдо,
Ақл шайдоға, бўлмағай пайдо.
Ҳам сен-ўқ меҳнатимга парво қил,
Дардманд айладинг, мудово қил!
Айтким, найламак керакдур бот
Ким висолиға етгамен ҳайҳот!»
Деди Моний: Йиборайин кишилар,
Чобук андешу хурдабин кишилар.
Анга ҳар кимнинг эҳтиёжидур,
Байъи онинг Хито хирожидур.
Гар санга ул пари висоли керак,
Назаринг олида жамоли керак.
Қиймати чун топибдурур таъйин,
Бера олурсен ўтунга таскин.
Ёки бир йил Хито молидин ўт,
Ё Ҳито луъбати хаёлиднн ўт».
Деди шаҳ: «Гар будур кўнгул ҳоли,
Не Хито моликим, жаҳон моли.
Бергамен қиймат ўлса жононға,
Миннатин доғи қўйғамен жонға»,—
Дебон амр айладики, юзча киши,
Донишу поклик аларнинг иши.
Неча хожасарой бирла каниз,
Тутқали сарв сиймбарни азиз
Бот Хито кишвариға борсунлар,
Ойни ул уқдадин чиқорсунлар.
Нома ҳоқонға доғи топти вуқуъ
Анга бўлди баҳо ҳусули ружуъ.
Билиб ул хайл азм ишин лозим.
Бўлдилар айтқон тараф озим.
Қолди Баҳрому нотавон жони:
Илгида сурат, олида Моний,