[VIII]
Бу етти гулшани жаннатосо ва етти қасри сипеҳр-фарсо тарроҳлиғининг жиҳати ва меъморлиғининг кайфияти ва бисотин тарҳини тағйирлар била хушроқ ва қусур биносин табдиллар била дилкашроқ қилмоқ ва густохликлар узрин демак ва бебокликлар маъзиратин айтмоқ
Бу кечаким, сипеҳри шуъбадабоз,
Олам аҳлиға бўлди шуъбадасоз.
Нилгун арсаға фазо берди,
Булъажаб муҳра анда кўп терди.
Муҳралар хосиятда гуно-гун,
Ҳам талаввун ичинда буқаламун.
Ҳар бири табъи ичра юз найранг,
Булъажаблиққа айлабон оҳанг.
Муни пайдо, ани ниҳон айлаб,
Ҳар бирин фитнаи жаҳон айлаб.
Бирига наҳслиқни одат этиб,
Бириснн машъали саодат этиб,
Қайси бирнинг не бўлса тақдири,
Ейилиб олам ичра таъсири.
Демайин муҳрабози шуъбадафан,
Балки луъбатнамойи луъбфиган,
Юз туман, луъбати сиймин пайкар,
Йўқки, сиймин ниқобу сийминбар.
Барча юз ноз бирла жилванамой,
Жилваи ҳусн бирла ҳуш рабои.
Пардада қай бири бўлуб мастур,
Парда юзинда ёна бирга зуҳур.
Бу таажжуб хирадни лол айлаб,
Ҳар нафас ўзга бир хаёл айлаб,
Манга гаҳ ваҳму гоҳ фикрат ўлуб,
Дам бадам ҳайрат узра ҳайрат ўлуб.
Кўнглум уйинда йўқ хирадға субут,
Ҳам хирад, ҳам кўнгул бўлуб мабҳут.
Фаҳм қилмай булар ҳақиқатини,
Топмайин фикр ила васиқатини.
Ғолиб ўлғоч кўнгул аро қайғу,
Кўз уйин тийра айлади уйқу.
Зоҳир этти хаёли суратгар,
Фикрат уйида гуна-гуна сувар.
Кўрдум ўзни ажаб мақом ичра,
Бир фазо тавфида хиром ичра.
Ул фазо ҳар тараф назарға васиъ,
Етти гунбад бори матину рафиъ.
Топибон ҳар бири ичида мақом,
Лек бирдам бирига йўқ ором.
Борча кўк гунбади киби дойир,
Бир-бири давриға бўлуб сойир.
Лавн аро ўзга навъ ҳар гунбад.
Узга навъ элга ҳар бири маъбад.
Етти гунбаддаким, хиром айлаб,
Етти нодир сифат мақом айлаб.
Ҳар бирига бир иш сари оҳанг,
Тўни ўз гунбади била ҳамранг.
Ранги аввалғининг қаро эрди,
Юзи ҳам буйла ранг аро эрди.
Яна бир хилъате кийиб заркаш,
Зардваш уй ичра роҳи асфаркаш.
Яна бирнинг мақоми хазро ранг.
Тўни ахзар, узори сабзо ранг.
Яна бирга либос ўлуб гулфом,
Ҳам бу ранг уй аро анга ором,
Бири азрақ либосу аҳли хирад,
Бўлуб оромгоҳи кўк гунбад.
Биринннг тўни сандалиойин,
Сандали уй аро топиб тамкин.
Яна бирнинг либоси кофурий
Ҳам бу ранг ичра байти маъмурий.
Ҳафтанинг ҳар куни бирисига хос,
Бўлуб ул кун қадаҳкашу раққос.
Ҳар бири ҳукми ичра бир иқлим,
Хоҳ уммед анда, хоҳи бийм.
Мен чу бу хайл аро гузар қилдим.
Бориға етти кун сафар қилдим.
Ҳар бир уйнинг муқими фарзона,
Манга қилди баён бир афсона.
Ким, ўз иқлими ичра воқиъ эди,
Ўзи қўрган ажаб мавоқиъэди.
Ҳар бир афсонада ғаройиб кўп,
Ҳар ғариб иш аро ажойиб кўп.
Мен бу афсоналарни туттум ёд,
Айладим жон саҳифасида савод.
Чунки қилдим, бу навъ таҳрири,
Келди олимға хизрваш пири.
Деди «Эй сойири фалакпаймой,
Чарх гунбадларида жилванамой!
Етти уйда сангаки майл эрди,
Англадингму булар не хайл эрди?
Етти гунбадда номукаррар лавн,.
Лутф аро ўзга навъ ўлуб ҳар лавн.
Анда етти ягонаға маскан.
Ҳар бириким қилиб бир уйда ватан.
Лаҳзаи бўлмайин бирига даранг,
Тўнлари бирла уйлари ҳамранг.
Етти афсонаким санга дедилар,
Ёд туттунг борини то дедилар.
Сенки, мундоқ ажаб сафар қилдинг,
Бу ғаройиб сари назар қилдинг,
Қайфият нени айладинг мафҳум,
Бўлдиму бу иш ҳақиқати маълум?»
Сўрғучиға дедим ниёз била,
Савлатидин юз эҳтироз била:
«К-эй ҳумоюн руху хужаста жамол,
Ақли кулл шахсидин юзунг тимсол.
Мен бу ғурбат ароки, сойирмен,
Эмди етган ҳазин мусофирмен.
Билмадим, ҳар не бўлди жилванамо
Ки демишлар: «ғарибу.кал-аъмо»1.
Санга маълум эса аён айла,
Сиррини шаммаи баён айла».
Деди фаррух суруш руҳоний:
«К-эй насибинг бу сирри пинҳоний!
Муждаким, чархи ложувард андуд,
Ахтари бахтинг айлади масъуд.
Ганжа ганжуриким2, чекиб кўп ранж,
Қўймиш эрди жаҳон аро беш ганж3
Ким, қилиб Ҳинд соҳири кина,
Ул дағи қўйди онча ганжина5
Ки, эрур онча гарчи онча эмас,
Яхшидур, лек ул дегонча эмас
Ким, чекиб сен дағи ики йил ранж.
Ҳосил айлаб эдинг ики-уч ганж6.
Вақт бўлдики, тортибон хома,
Эмди тўртунчи7 ёзғасен нома.
Тўрт гавҳарға бергасен тартиб,
Тўрг унсурни қилғасен таркиб.
Бўлубон бахту давлат иқболи,
Рубъи маскунға бўлғасен воли.
«Ҳафт пайкар»8ки, келди мушк сиришт.
Яна онинг ёнида «Ҳашт биҳишт»9,
Сен дағи топибон фазойи васеъ,
Ўтруда солғасен бинойи рафеъ.
Неки, кўргуздилар санга бир-бир,
Айлай они бирин-бирин таъбир;
Ҳар биридин санга башоратдур,
Ушбу сўз шуғлиға ишоратдур.
Етти гунбадки, англадинг олий,
Етти айвон аро ети волий.
Бу ети гунбади сипеҳр эрди,
Ичида етти меҳр чеҳр эрди.
Санга будур бу қисса исноди
Ки, солиб, етти қаср бунёди.
Чун тугатгайсен ул рафиъ қусур,
Солғасен етти қаср аро ети ҳур.
Ул сифатким, алар келиб ҳамранг,
Топқай ул навъ ила булар ҳам ранг.
Етти афсона кўрганин ёна,
Дегасен етти турфа афсона
Ким, латофатдин элга жон бергай,
Тан аро руҳдин нишон бергай.
Ақл оғзиға келтуруб кулгу,
Кўзига руҳнинг солиб уйқу.
Ҳар бири зоти юз ғаройиб ила,
Жилва қилғай ўкуш ажойиб ила.
Сен бу даъвида хуррам ўлғайсен,
Нукта дерда мусаллам ўлғайсен!»
Сўз тугатгач қошида ер ўптум,
Бўлубон шод, сесканиб қўптум.
Борчани хотиримда тутмиш эдим
Пиру таъбирини унутмиш эдим.
Тушума чунки йўқ эди таъбир,
Юзланиб хотиримға кўп тағйир.
Талаб эттим муаббири комил10,
Бори таъбир иши анга шомил.
Топтим ул навъ комили офоқ,
Шарҳ қилдим тушумни боштин-оёқ,
Неки, хотирда эрди топти баён,
Ғайри улким, топиб эди нисён.
Нуктапардоз эшитти чун розим,
Бўлди филҳол нуктапардозим.
Борини уйла айлади таъбир
Ким, тун оқшом тушумга кирган пир
Рози боис бўлуб кушодимға,
Тушдаги пир кирди ёдимға.
Сўзи ҳамким, бўлуб эди масмуъ
Жилва қилди хаёлима мажмуъ.
Иккиси нуктаси мувофиқ эди,
Бу ҳам андоқ сўзида содиқ эди.
Нуктаким, суруш қилди хуруш,
Бу ҳам этти хуруш мисли суруш.
Менки, топтим бу навъ икки далил,
Сўз демак сори айладим таъжил.
Жазм қилдимки, холиқи азалий
Ким, анинг ҳукми келди ламязалий.
Манга бу мулкни насиб этмиш,
Фатх қилмоқни ҳам қариб этмиш.
Улки ҳақдин бировга рўзидур,
Даҳрнинг сози, йўқса сўзидур.
Неча узр ўлса, ошкора анга,
Жуз шуруъ айламак не чора анга,
Табъ ҳам гарчи асру роғиб эди,
Лек кўп эҳтиёт вожиб эди
Ким, аларким бурун чекиб хома,
Саъй ила нақш қилдилар нома.
Нукталар борча сар-басар рангин,
Ҳар бири бир нигорхонаи Чин11
Даҳр элиға қабул эрур, рад йўқ,
Васф қилмоқлари манга ҳад йўқ.
Дуржи маънини чун очибдурлар,
Олам аҳлиға дур сочибдурлар.
Дурждин ким десунки, баҳр ила кон,
Нақдини сочиб, ончаким имкон.
Лек гавҳар сочарда аҳли карам,
Бир сори кўп тушар, яна сори кам.
Ҳар тараф дур сочилмоғи яксон,
Эҳтиёт айламай эмас осон.
Куп киши ерга обпош ўлди,
Кўпдин ози гулобпош ўлди.
Дурни суфт айламак аро ҳаккок
Кўп қилур сахв — бор эса бебок.
Кўпрак устоди чобук андеша,
Қилди бебоклик фанин пеша.
Ким, маҳорат ани қилиб мағрур,
Воқиф ўлмай тушар ишига қусур.
Лек шогирд эрур ишида ваҳим,
Кўнглида саҳв айламакдин бийм.
Туну кун эҳтиёт қилмоқ иши,
Саҳв озроқ топар ишида киши.
Ул иков устоди моҳир эди
Ким, маҳорат аларда зоҳир эди.
Чун тузуб бу бисот ўтмишлдр,
Қилмайин эҳтиёт ўтмишлар.
Мен де олманки, саҳвлар тушмиш
Бехабар тушмиш, ул агар тушмиш
Ким, бу дафтарки бердилар минг зеб,
Боштин то оёғ фусуну фиреб.
Ясағонда бу турфа афсона,
Ҳазмдин айлаб ўзни бегона.
Неча навъ ишни қилдилар тақсир,
Гар тутарсен қулоқ, қилай тақрир:
Бири буким, йўқ анда мояи дард,
Қилдилар ишқ сўзидин ани фард12
Ким, биров меҳрдин бари бўлғай,
Боқма, гар меҳри ховарий бўлғай!
Бўлса, тарих аларға гар матлуб,
Анда сўз боғламоқ эмастур хўб.
Сўз ясардин чу топти пироя,
Ишқдин хуштур анда сармоя,
Ким, кўнгулга ўти асар қилған,
Жонга кўйдурмаги хабар қилғай.
Йўқса, ёлғон демакдаким, базадур,
Чун узоқ чекти асру бемазадур.
Ишқдин сўзи бўлса бок эрмас,
Уртар оники сўзнок эрмас.
Яна бир буки анда баъзи иш,
Зоҳиран номуносабат тушмиш;
Буйла туҳматки, айш.учун Баҳром
Ясади етти қаср сургали ком.
Етти иқлим шоҳидин ети қиз,
Ҳар бири лутфу ҳусни ғоятсиз,
Етти қаср ичига келтурди,
Ком ҳар кун бири била сурди.
Турфа буким, чу бўлди бодапараст,
Қилди оқшомға тегру ўзни маст.
Уйқу комин олурға мастона
Шўхларға буюрди афсона.
Бу ажабким алар дағи дедилар,
Қиссахон қизлари магар эдилар?
Тонгдин оқшомға тегру пай-дарпай,
Улки ичгай, қадаҳ тўла-тўла май.
Анга худ ғафлат ўлди даъбу сифат,
Уйқусиға фасона не ҳожат?
Бўлса ҳам ақл, манъ қилмасму?
Қисса айтур киши топилмасму?
Ким, неча нозанин ҳарамларини,
Жон ҳаримида муҳтарамларини
Ки, алар ғамзаси қилиб жоду,
Юз туман кўздан элитгай уйқу,
Лаблари қатл учун шароболуд,
Кўзлари ишва бирла хоболуд,
Ҳукм қилғайки, сиз фасона денгиз!
Демангиз узру бебаҳона денгиз!
Бўлунг уйғоқлиқ ичра фарсуда,
Мен бўлай уйқу бирла осуда!
Буйла таклиф кимса қилғайму?.
Одамидин бу сўз очилғайму?
Бўлди, фарзан, бу навъ булъажаб иш,
Булъажаброқ яна бу иш бўлмиш
Ким, мунунгдек ики ваҳиди замон13,
Ҳар бир ўз вақтида фариди замон.
Буйла нодон учун14 ёзиб авсоф.
Анга қилғайлар ўзларин вассоф.
Мадҳини бсҳисоб ёзғайлар,
Балки мавзун китоб ёзғайлар.
Ҳар бир ул назмида кўруб кўп ранж,
Қилғай ўз «Панж ганжи»дин бир ганж.
Оллоҳ, оллоҳ, не ганж бўлғай бу!
Сарбасар элга ранж бўлғай бу!
Бўла олмас бу иш магар бу тавр
Ки, десанг ул ики ягонаи давр.
Баски, устод эдилару комил.
Бўлдилар ғарралиғ била ғофил.
Кимки, бу ишта бўлса мустағний,
Ешунур кўнглидин басе маъний.
Менки, шогирди бебизоатмен,
Ул иковга мутии тоатмен.
Ваҳмдинким тушуб хато ногаҳ,
Етмагай кулфате манга ногаҳ,
Ишим ўлмишдур эҳтиёт этмак,
Нуктанинг тору пудиға етмак.
Мунда доғи ишимға етса кушод,
Ҳам алар руҳидиндур ул имдод.
Табъ бу шуғл ароки озим эди,
Чунки кўп эҳтиёт лозим эди.
Бу сабабдин бу хуш фасона аро,
Балки бу хуш наво, тарона аро
Йўқ эди ҳеч чораю тадбир
Ким, бирор ерда бўлмағай тағйир.
Айтмоқ мунда ҳожат ўлмағуси
Кимки, ул ерга етса англағуси.
Ераб, иш мушкилу бу хаста заиф!
Пашшаға пил ишн эрур таклиф.
Чарх томиға нардбон ясамоқ,
Меҳр шамъиға шамъдон ясамоқ15.
Қилибон анкабут ипини каманд,
Айламак аждаҳо анинг била банд.
Келди душвордин дағи душвор,
Лек мен телба масту беҳушвор
Ким, бу ишга илик нетиб урдум,
Лутфунга эътимод этиб урдум.
Неча иш ранжи беадад бўлса,
Сендин ар лутф ила мадад бўлса,
Заррада меҳрни ниҳон айлай,
Баҳрға қатрани макон айлай!
Хома нуги сафирин айлаб тез,
Солайнн олам ичра рустохез!
Килкни чун варақ нигор этайин
Онча аъжуба ошкор этайин
Ким, солай олам ичра офатлар,
Балки зоҳир қилай қиёматлар!
Дам ул авлоки, бу сифат эъжоз,
Шоҳ мадҳидин этгамен оғоз,
Чун дейилгуси шоҳлар қавли,
Шоҳ мадҳин бурун демак авли.