[XXIII]
Сешанба куни Баҳромнинг гулгун либос била қасри гулнорийға таважжуҳ қилиб, шафақгун ҳуллалик хуршед била соғари ёқутфом ичинда лаъл ранг май ичгони ва ул ёқут ва лаълдин уйқу учун муфарриҳ тартиб қилиб, майдин қизортғон кўзин юмғони
Чун сешанба сипеҳри чобукхез,
Тўкти анжум шароридин гулрез.
Боғлади золи чарх ўлуб раъно,
Абри шингарфгун била ҳийно1.
Шоҳ Баҳром кийди гулгун рахт.
Тикти гулгун уй ичра гулгун тахт,
Қасри гулгун сари қилиб оҳанг,
Истади ичса бодаи гулранг.
Сарви гулчеҳр қилди истиқбол,
Гул киби борча рахти ҳуллаи ол
Тахти гулранг уза тутуб ором,
Жоми лаъл ичра бодаи гулфом.
Шоҳ ила қилди нўш гулгун мул
Мул алар чеҳрасин қилиб гул-гул.
Анга тегруки меҳри гулрухсор
Юзига ёпти пардаи кўҳсор.
Шаҳ кўзи бодадин қизориб эди,
Кўзидин уйқу лек бориб эди.
Ул гуруҳики эрдилар маъмур,
Истабон йўлда ончаким мақдур.
Топтилар раҳрави фусунсози,
Нукта айтурға сеҳрпардози.
Келтуруб арз қилдилар они.
Бўлди ижрой ҳукми султоний
Ки, «бўлуб парда кейнида сокин,
Айлабон улча саъй эрур мумкин.
Сайр қилгонни кўҳу дашт десун,
Не анга бўлди саргузашт десун»
Раҳрав ул навъ ҳукм чун билди,
Сўз сано бирла ибтидо қилди.
Ки: «шаҳ иқболи ҳасрдин афзун,
Юзи иқбол жомидин гулгун.
Ўзи илгида арғувоний ман,
Ити олида хасм қони май».
Тўртунчи иқлим йўлидин кетурган мусофир сухангузорлиғи
Чун дуо бирла бўлди нуктасаро,
Дедиким: «Эрта чоғда Деҳли аро
Хисраве эрди шоҳлардин тоқ,
Тахти ҳукмида кишвари офоқ.
Махзану ганжига ниҳоят йўқ,
Мулку хайлиға ҳадду ғоят йўқ.
Чарх йўқ мулки арсасиға эдил,
Ўзга шаҳларнинг отича анга пил.
Адлу инсоф ўлуб сифоти анинг,
Шоҳлар ичра Жуна оти анинг.
Элга базлу ато била машҳур,
Олам ичра сахо била машҳур.
Элга лакларни бебаҳона бериб,
Гар баҳона топиб, хизона бериб.
Базлаи гар дебон сухансанжи,
Силасиға ато қилиб ганжи.
Буйла машҳур эрурки бир муҳтож,
Чарх мулкидин айлаган ихрож
Айлабон қатъ дашту тоғ ила руд,
Анга келтурди бир сабад амруд.
Неча кун бўлди музди ичра даранг,
Бўлди аллон бар асру кўп дилтанг,
Соғиниб шаҳ дедики: «Топинг они,
Сўрунгуз ҳожатини пинҳони».
Деди сўрғон дам ул гадопеша:
«Ҳожатимдур бир арра, бир теша».
Шаҳ анинг ҳикматини қилди савол,
Деди: «Ҳикмат буким, ёниб филҳол,
Қайда бу мевадин йиғоч мавжуд
Бўлса борин кесиб қилай нобуд».
Шаҳ чу мақсудини анинг билди,
Сила бир мулк молини қилди
Ки, ҳисоб ичра бор эди ўн лак2,
Ҳар лаки ўн туман келиб бешак.
Вузаро майл этиб баҳона сори,
Бошлабон шаҳни ул хизона сори
Ки, агар кўрса онча нақд ила мол,
Бордурур бермаги биравга маҳол.
Шаҳ билиб чун назора этти ани,
Оздурур деб дубора этти ани.
Иши йўқ эрди бир анинг мундоқ,
Бор эди ўну юзу минг мундоқ.
Бир кун ўлтурмиш эрди суҳбат аро,.
Чарх янглиғ улуви ҳиммат аро.
Дур сочар эрди абри эҳсони,
Бор эди бир ғариб меҳмони.
Туҳфа келтурмиш эрди бир кўзгу
Ким, ани тутса ҳар киши ўтру.
Чин деса аксида сафо эрди,
Деса ёлғон юзи қаро эрди.
Кўп киши қилди озмойиш анга,
Айтғондек эди намойиш анга.
Шоҳ анга берди бениҳоят мол
Ким, анинг ушрин этмас эрди хаёл.
Базл чун онча нақду мол этти,
Сўзнинг асносида савол этти
Ким: «чу олам аро гузар солдинг,
Олам аҳлиға кўп назар солдинг.
Бир менингдек сахий эшиттингму?
Ё кўруб хизматиға еттингму?»
Шоҳнинг бу саволидин масъул,
Беҳад андеша ичра бўлди маллул.
Ҳов, деса шаҳға нуқс рожеъ эди,
Йўқ, демак худ хилофи воқеъ эди.
Оқибат заҳмдин деёлмай чин,
Ёлғон айтурни айлабон оййин
Деди: «Ер йўқки мен югурмаймен,
Ров сендек жаҳонда кўрмаймен»,
Деди: «Чиндур бу?»—деди: «Чиндур бу»,
Шаҳ деди: «Олиға тутунг кўзгу!»
Чунки наззора қилди кўзгу аро,
Акси кўзгу аро кўрунди қаро.
Бўлди хижлат била сарафганда,
Шаҳдағи андин ўлди шарманда.
Деди: «Эй раҳрави хужаста сифот,
Биздин ўлди санга бу навъ уёт.
Бу қаро боиси чу ёлғондур,
Чин дегилким, иложи осондур».
Деди: «Кўрдум» — дедики: «Кўзгуга боқ!»
Боқти кўзгуга, бор эди юзи оқ.
Шаҳ деди: «Айтқилки, не кишидур
Ки, бу янглиғ сахо анинг ишидур?»
Деди ровики: «Эй баланд сарир,
Айтмоқдин манга йўқ эмди гузир.
Бу ҳикоятки бас йироқ бўлғай,
Бўлса хилватда яхшироқ бўлғай».
Мажлис аҳлин қўпордилар ҳоли,
Шаҳу ровийға қолди уй холи.
Дедиким: Ҳинд ичинда шаҳредур,
Равзадин олам ичра баҳридур.
Ҳам сенинг мулкунга эрур дохил,
Моли ҳар йил хизонаға восил.
Васфи бас дилпазиру оти Тароз3,
Тарзи дилкаш нечукки ишқи мажоз.
Шояд ул ерга етган эркинсен,
Йўқса васфин эшитган эркинсен?
Шаҳ деди: «Қилмамишмен они тавоф,
Лек элдин эшитмишам авсоф.
Сен хадисингни ибтидо айла,
Ҳар не кўрган эсанг адо айла».
Деди: «Шаҳридур ул биҳиштосо,
Нахли тўби мисоли гардунсо.
Кавсаросо суйи далили анинг,
Ҳар тараф руди салсабили4 анинг.
Равза янглиғ ҳавоси жонпарвар,
Суйи кавсар киби равонпарвар.
Элига боғ зийнати — пеша,
Боғдин яхшироқ анга беша.
Киши йўқким, йўқ анга бўстони,
Богида ҳар тараф гулистони,
Ҳар киши они хурди ҳол ясаб,
Зеб аро улча эҳтимол ясаб.
Шоҳнинг чун адолат ўлди фани,
Эли ушбу жиҳатдин асру ғани.
Шаҳру кўйи биҳиштдек маъмур,
Эл била уйлар анда ҳуру қусур.
Моли забтиға эл бўлуб ҳайрон,
Топмайин, ганж қўйғали вайрон.
Навжувони бу шаҳр аро сокин,
Васфи минг нуқтадонға йўқ мумкин.
Ҳусн аро меҳри осмоний ул,
Лутф аро оби зиндагоний ул.
Ёши озу камоли кўп беҳад,
Зотида мундариж камоли хирад.
Пок табъи сафода кўзгудек,
Сабза узра оқар сузук сувдек.
Фаҳмиға нукта бўлмайин мубҳам,
Нуктаси ичра нукта кўп мудғам.
Табъп ҳар фанда чун мулойим ўлуб.
Анга аҳли фунун мулозим ўлуб.
Иўқ саодатлиқ уйла бир мавжуд,
Ахтари саъд ўлуб, оти Масъуд.
Аямай андин эзиди мутаол
Ҳеч ишда камол, хоссаки мол5.
Майли гулзор аро қилиб оҳанг.
Дойим ичмакка бодаи гулранг,
Токи гул бордурур тузуб мажлис,
Гул эрур мажлиси аро мунис.
Сочибон барги гул қадам то фарқ,
Фарқдин то қадам гул ичра ғарқ.
Чунки гул фаслин ўткариб гардун,
Айлабон ул ҳарирлар гулгун.
Кестуруб барги гул киби бир-бир
Сингдуруб анда атру мушку абир.
Бори киймакларин қилиб гулфом,
Яна гулфом этиб хужаста мақом.
Раҳбаларда неча бути гулчеҳр,
Чарх тоқи аро нечукким меҳр.
Юзи гулгуна рангидин сода,
Ясоғон гул сепарга омода.
Ҳар қачон ул қилиб нишотқа азм,
Тузса гулфом қасри саҳнида базм.
Нечаким айшининг гули очилур,
Юқоридин бошиға гул сочилур
Ким, анинг базмиға назора қилиб,
Боғи фирдавсдин канора қилиб.
Ишларин гар шикаста баста, дедим,
Юзидин бирни жаста-жаста, дедим,
Ура олмон вале сахосида дам,
Мен неким, гар тирилса юз Ҳотам»6,
Айлади чун бу ерда нуктани бас,
Жуна сабру қарорин олди ҳавас
Ким, бу нодир сори гузар солғай,
Борча аҳволиға назар солғай.
Деди: «Бир ҳафта истабон ором,
Нўш қилғум ҳарамсаро аро жом.
Хизмат аҳлин ҳам айладим озод,
Айш ила уйларида бўлсун шод».
Элни чун айлади пароканда,
Азм жазм этти шоҳи фархунда.
Ҳарамин хосларға топшурди,
Нукталар борчасиға туттурди.
Бор эди бир заминнаварди7 анинг,
Бўлмайин барқ ҳамнабарди анинг.
Деб эди отини «Сариус-сайр»,
Қолибон сайрдин ҳаво уза тайр.
Ҳафталиқ йўлни борибон бир кун,
Яна бир ончани яна бир тун.
Берибон тавру вазъиға тағйир,
Секриди маркаб узра шоҳи далир.
Икки кун саъй ила хиром этти,
Гарчи йўл юз йиғоч8 эди — етти.
Кўрди шаҳре нечукки боғи биҳишт,
Туфроғи атр аро абир сиришт.
Нуктагў васфин айлаганча эди,
Балки зийнат аро юз онча эди.
Сурди Масъуд уйин сўроғ айлаб,
Базмини мояи фароғ айлаб.
Еттию кўрди бир бийик кирёс,
Тоқу айвон анга сипеҳр асос.
Соҳати ичра халқ ғавғоси,
Орзухоҳ улус алолоси.
Мутааййин эшикда неча киши,
Ғурабо хизмати аларнинг иши.
Жунани кўрдилар ғариб мисол,
Сурубон билдиларки, недур ҳол.
Бошлабон олиға югурдилар,
Меҳмонхонаға тушурдилар.
Боғлабон маркабин тавилаға руст,
Бошладилар ўзини қасрға чуст.
Қасрким эрди меҳмонхона,
Фарш ила рахти борча шоҳона.
Жунаға анда бердилар ором,
Тортиб олиға гуна-гуна таом.
Мизбон доғи келди қошиға бот,
Кўр, не меҳмону мизбон, ҳайҳот!
Ул зиёфат тариқида моҳир,
Онча мардумлиқ айлади зоҳир,
Ким ўшул хулқ ила камоли хирад,
Жунани ожиз айлади беҳад.
Бўлғуча ул каломдин фориғ,
Бўлди меҳмон таомдин фориғ.
Қилди юз лутф бирла истимзож,
Жунадинким: «Тиларму бода мизож?»
Ани роғиб кўруб нишот айлаб,
Зодадин зийнати бисот айлаб,
Тузди базмики чархи кўҳна ниҳод
Ўйла бир тоза базм бермас ёд.
Бор эди қаср ёнида ҳаммом,
Фаршу изора анда яшму рухом,
Шиша ўрнида меҳри оламтоб,
Ҳавзлар ичра сув ерида гулоб.
Илтимос эттиким бир-икки замон,
Кирса ҳаммом аро бурун меҳмон.
Ювса йўл гардидин баданни хўб,
Шоҳға ул бор эрди худ матлуб.
Кирдию топти бирдам осойиш,
Кўрди онча асосу оройиш
Ки, анинг мулки ичра йўқ эрди,
Кўруб инсоф борчаға берди.
Тослар зарнигору меҳрмисол,
Сиймгун дастадин бошида ҳилол.
Футалар мушку анбар оғушта,
Тортилиб ип ерида зарришта.
Хизмат аҳли гули тарий янглиғ,
Йўқки, ҳаммом аро пари янглиғ,
Юз зарофатда ҳар хужаста ҳариф,
Куллу шайъин миназ-зарифи зариф9.
Бу сифат ерда шоҳи озода,
Ўзни йўл гардидин қилиб сода,
Қилди ҳаммомдин чиқорға хиром,
Ҳулла келтурдилар бори гулфом.
Чунки меҳмон эди дағи маъмур,
Кийди гулгун ҳарирларни зарур.
Бўлди Масъуд ила тўни ҳамранг.
Қилдилар базмгаҳ сари оҳанг.
Базм эрди биҳишт омода.
Ҳури соқию кавсари бода.
Шаҳни чун базм ичига еткурди,
Шаҳни ўлтуртуб, ўзи ўлтурди.
Мажлис аҳли гул жабин бори,
Борчасининг либоси гулнори.
Ҳукм қилдики, соқийи мавзун,
Тутти меҳмонға бодаи гулгун.
Чун неча давр ўтти пай-дарпай,
Аҳли мажлис бошиға чиқти май.
Шоҳ чун нодири замон эрди,
Ҳикматойину нуктадон эрди.
Мажлисе кўрди ул сифат марғуб,
Бўлуб ул базм шавқидин мағлуб.
Соғ эканда риоят айлар эди.
Ҳифзи ҳоли бағоят айлар эди,
Боши чун бўлди бодадин маҳрур,
Хирад ойиниға етишти футур.
Жаннат ичра ўзин кўруб меҳмон,
Ҳар тараф боқса ҳур ила ғилмон.
Кўнгли сабру қарорсиз бўлди,
Нуктада ихтиёрсиз бўлди.
Оғзининг ҳуққасидин очти банд,
Нукта бир-бирга айлади пайванд.
Баски фош айлади дурафшонлиқ,
Қўйди юз мизбонға ҳайронлиқ.
Шаҳ савол этти: «К-эй хужаста вужуд,
Талъатинг ҳам отинг киби масъуд,
Йўқки мен Ҳинд ичинда сойирмен.
Балки олам аро мусофирмен.
Бу қадар донишу салоҳият,
Мунча жамъияту рафоҳият
Ки, санга тенгри айламиш мақрун
Ки, они тенгри айласун афзун.
Кишида кўрмадим жаҳон ичра,
Қолмишам фикрати ниҳон ичра
Ки, не янглиғ санга бу бермиш даст.
Деб, мени қўнма ғам аро пайваст»,
Деди Масъуд: «К-эй юзунг фаррух,
Чунки сўрдунг зарур эрур посух.
Муни билгил атойи яздоний,
Лек сўрсанг сабаб — эшит они.
Бизга шоҳидурур не янглиғ шоҳ,
Олам аҳли бошиға зилли илоҳ
Ки, ҳаётини ҳақ мудом этсун,
Зиллу жоҳини мустадом этсун.
Подшоҳидурур ажаб одил,
Адли олам эли аро шомил.
Зулм торини ул сифат узмиш,
Адл созини ул сифат тузмиш
Ким, анинг давлатидин аҳли замон,
Топмамишлар бағайри амну амон.
Мулк аро чунки бўлди амният,
Юзланур мулк элига жамъият.
Андин-ўқдур ҳунар ҳисоби ҳам,
Фазл ила дониш иктисоби ҳам.
Бизга бу шоҳ давлатидин эрур,
Сояи жоҳу ҳашматидин эрур.
Буки элдин манга зиёд ўлмиш,
Манга бу навъ эътиқод ўлмиш
Ки, бўлурға бу навъ иш ҳодис.
Гўйиё икки ишдурур боис:
Бири — ҳақ шукрини адо қилмоқ,
Яна — шаҳ жониға дуо қилмоқ.
Қолди бу икки ишдин эл ғофил!
Ки, алардин не ком эрур ҳосил?
Манки билдим, бу бўлди пеша манга,
Нафъи мундоқ етар ҳамеша манга».
Шаҳни бу сўзлар андоқ айлади шод
Ки, яқин эрди айлагай фарёд.
Уйла кўнглида меҳри ер тутти
Ки, яна хулқи меҳрин ўркутти.
Бўлди хушҳол ўлуб фасона сигол
Ки, фасоҳатдин этти халқни лол.
Кўрди Масъуд ул сифат меҳмон,
Фазлу дониш аро ваҳиди замон.
Истади жон анга фидо қилмоқ,
Мақдами шукрини адо қилмоқ.
Ҳар тараф тожирики кетмиш эди,
Бири ул кун магарки қайтмиш эди.
Келтуруб эрди сондин ортуқ суд,
Топта Масьуд андин ортуқ суд.
Гарчи ул судким, худо берди,
Ончаким бир хирожи мулк эрди.
Кўнглин ул моя бирла хуш қилди,
Судини шаҳға пешкаш қилди.
Шаҳ мусофир сўзини айлаб ед,
Не ўзин ғамлиқ айлади, не-шод.
Мизбон ёна бўлди базморой,
Деди: «Ўн ҳур ўлуб нишотафзой,
Раҳбаларнинг эшигин очсунлар,
Гул халойиқ бошиға сочсунлар».
Гарчи ул вақт эрди фасли хазон,
Гул соча бошлади насими вазон.
Ясабон гул бори абир сиришт.
Базмни қилди гулистони биҳишт.
Ҳар сори гулузори гулгунпўш,
Жоми гулранг айлар эрди нўш.
Юзи гул-гул бўлуб нишотангез,
Шохнинг хорхорин айлаб тез.
Қилди Масъудбир тараф имо,
Бўлди бир гулузор жилванамо.
Келтуруб жоме уйлаким хуршед,
Кўрмаган жом анинг киби Жамшед.
Тўлдуруб шоҳға аёқ тутти
Ким, қуёш янглиғ уйни ёрутти —
Деди: «Улдур бу жомнинг ҳоли
Ки, чу бир тўлди — бўлмағай ҳоли.
Ўнг сори давр топса пайдарпай,
Бўлмағай кам киши ичардин май.
Сўл сори ёнса нечаким тўлғой,
Оз ичиб кўп, валек кам бўлғой.
Ясоғонда гуруҳи ҳикмат қисм,
Боғламишлар анга бу навъ тилисм».
Озмойиш чу ихтиёр ўлди,
Бу сифат андин ошкор ўлди.
Шаҳни ул жом қилди бодапараст,
Ичмайин бода бўлди андин маст.
Они ҳам чекти мизбони сахий,
Меҳмон олида сахо кўр, ахий!
Шаҳ май андин ичар эди хушдил,
Анга тегруки бўлди лояъқил.
Ул кун ўлди бу навъ ила оқшом,
Уйқудин топти табълар ором.
Субҳ ринди чу қилди майли сабуҳ,
Роҳи меҳр анга тоза айлади руҳ10.
Қўптилар бодаи сабуҳкашон,
Бўлубон ул сабуҳ бирла хушон.
Яна кундузга чекти ул мажлис,
Қўймай ул мажлис элга ақл ила ҳис,
Яна11 кундин такаллуф ўлди фузун,
Гулжабинлар тутуб майи гулгун.
Қасри гулгунда гулфишонлиғ этиб,
Сокини базми гулнишонлиғ этиб.
Яна Масъуд ишорати қилди,
Борди улким ишоратин билди.
Базм аро турфа созе келтурди,
Соз ила дилнавозе келтурди.
Сози ул сарви гулжабиннинг «чанг»,
Гули устида бурқаи гулранг.
Деди Масъуд: «Созини олсун,
Бурқаин олиб, ўлтуруб чолсун!»
Ултуруб чунки бурқаъ очти ҳур,
Бўлди эл ақлу ҳушиднн маҳжур.
Чанг ториға чун фиғон берди,
Кимки ўлтурмиш эрди — жон берди.
Бу худ ул навъ шаҳни қилди асир
Ки, чекар эрди чанги бирла нафир.
Муни ҳам чекти шоҳ олиға тез,
Бўлубон лутф бирла узрангез.
Туна кун тортқонча молу жиҳот,
Тортти меҳмон олиға бот.
Ўтти бу навъ ила бу кун доғи,
Уюди базм усруку соғи.
Яна тонгла тузулди беозарм,
Мажлис ўлди ики кунгидин ҳам гарм.
Яна май ичмак эрди, гул сочмоқ,
Яна май чеҳраларда гул очмоқ.
Зебу зийнат фузун бурундин кўп,
Айшу ишрат бурунғи кундин кўп,
Яна амр этти мизбони карим
Ки, биров қўпти ул сифатки насим.
Олибон келди барқ рафтори,
Сайр аро барқдин намудори.
Гоми «Шабдез»12дин келиб афзун,
Ранги гулгуну оти ҳам «Гулгун»,
Бир париваш ҳаюни, дев нажод,
Балки деву пари била ҳамзод,
Шаклидин ақлу ҳис бўлуб мабҳут,
Май анга суву найшакар анга қут,
Ўн келиб ўзга отча гоми анинг,
Туну кун юз йиғоч хироми анинг.
Ани кўргач хираддин ўлди бари,
Киши андоқки, кўрса деву пари.
Ани ҳам чекти шоҳ олиға чуст,
Уйлаким неча туҳфа чекти нахуст,
Борчадин шоҳ ўлуб эди мамнун,
Лек мундин борисидин афзун.
Ул ики кунгича яна амвол,
Чекти меҳмони олиға хушҳол.
Яна шом ўлғач ўлдилар бори маст,
Мундоқ ўлғайким, бўлса бодапараст,
Жунаи меҳр чун узор очти,
Ҳиндуви шом аскари қочти13.
Шоҳ Жуна кўз очти хоболуд,
Мезбон толии киби масъуд.
Келдию қилди суҳбатангизи,
Қилғали гулга бодаомизи.
Шаҳ деди: «Эй рафиқи зебо чеҳр,
Кўнглумиз боғида кўп экан меҳр,
Меҳмонлиқ ҳам ўлғай ушмунча
Ки, унут бўлмағай бу ўлгунча.
Саъб эрур гарчи дарди ҳижронинг,
Азм этарбиз гар ўлса фармонинг.
Гарчи келмак эрур иродат ила,
Лек кетмак эрур ижозат ила».
Булди ҳижрон ҳадиси чун мазкур,
Тушти Масъуд хотириға футур.
Деди: «Эй раҳнаварди кор огоҳ!
Не ҳадис эрдиким, дединг ногоҳ?
Суҳбатинг бирла бор эдук хушҳол,
Бизга ҳажринг қилур мушавваш ҳол,
Хизматингда гар айладук тақсир,
Сен карам бирла топмоғил тағйир,
Шод эдук меҳрваш жамолингдин,
Мутаматтеъ чучук мақолингдин.
Неча кун турсанг ўлғабиз масрур,
Йўқса, тақсиримизни тут маъзур!»
Шоҳ анга узрлар басе қўлди,
Хайрбод айлабон равон бўлди.
Бўлди «Гулгун» уза жаҳонпаймо,
Урса маҳмиз осмонпаймо.
Сўнгича ҳар не берганин Масъуд,
Забт этиб борчасини буду-набуд.
Ўзининг неча муътамадларидин
Ким, баруманд эди хирадларидин.
Узатурға замони отланди,
Гун узатти висоқиға ёнди,
Шаҳ чу «Гулгун»нн қилди дашт хиром,
Тутти Деҳлида ул кун-ўқ ором.
Неча кун чунки анда макс этти,
Неки қолмиш эди кейин етти,
Иши Масъуд ишида ҳайронлиқ,
Келтуруб ақлиға паришонлиқ.
Ёди бирла тўнин қилиб гулфом,
Ичибон ёди бирла гулгун жом.
Биров эрди Тароз уза воли,
Ҳиммати пасту мансаби олий.
Шаҳр анга Жунпур оти Жайпур,
Зулм ила Ҳинд мулкида машҳур.
Ҳам келиб эрди додхоҳ андин.
Бўлуб эрди неча гуноҳ андин.
Айлади ҳукм шоҳи фаррухфол:
Қим: «битийсунлар ушбу лаҳза мисол
Ки, вилоятда шоҳ ўлуб Масъуд,
Ул етушсун эшикка зудо-зуд».
Лек бу номадин бурун бу хабар
Етибон айлади ани музтар.
Билдиким борди салтанат қўлидин,
Сўрғуси шоҳ маъдалат йўлидин.
Ишлари шаҳға чун очилғусидур,
Не сазовори бўлса қилғусидур.
Бор эди ноиби оти Маллу14,
Табъида зулму кина сори ғулу.
Чун бу янглиғ иш ўлмоғин билди,
Зорлаб они мушоварат қилди:
Ким: «не бўлғай бу қиссаға чора?»
Деди золимваше ситамкора:
Ки, «бу ишким, санга эрур ҳодис,
Анга Масъуд ўлубтурур боис.
Шаҳға бормиш бу навъ овоза,
Ки анинг базлиға йўқ андоза.
Ҳам демакдин зиёда яхшилиғи,
Яхшироқ олам аҳлидин қилиғи.
Ани сендин чу англамиш фойиқ,
Анга кўрмиш сенинг ишинг лойиқ,
Ул қачон бўлса бу ародин гум,
Сангадур ёр чарх ила анжум.
Фавтидин шоҳ изтирор топар,
Мамлакат ҳам санга қарор топар».
Деди Жайпур: «Гар будур чора,
Ани не навъ этарбиз овора?»
Деди Маллу: «Бурун ани ёр эт,
Таври меҳру муҳаббат изҳор эт.
Чорлабон ўз уюнгга суҳбат туз,
Онинг уйига майл ҳам кўргуз.
Чун бўлур бу мусодақат мавжуд,
Мен қилай ҳар некнм эрур мақсуд».
Бўлди Жайпур кўнгли беҳад шод,
Солди Масъуд бирла тарҳи вадод,
Берибон юз фусун била бози,
Бўлди онинг рафиқу ҳамрози.
Чорлабу бориб унига бехост,
Ҳар кун айлаб бириси суҳбат рост.
Анга ўзини ёр деб жони,
Ўзидин эмин айлади они.
Токи Масъуд уйи аро Жайпур,
Бир кун ўлди қадаҳ била масрур.
Шомға тегру айлади ани маст,
Ўзи доғи анга бўлуб ҳамдаст,
Тунд май чунки зойил этти хирад,
Гулшан ичра йиқилдилар бехуд,
Бўлди Масъуд эли дағи ғофил,
Кўпи бор эрди, балки лояъқил.
Истар эрди бу ҳолни дастур,
Бор эди бир камин аро мастур.
Чиқти бир неча девҳуш бирла,
Кинакаш, балки хиракаш бирла.
Топтилар мизбонни боғ аро чуст,
Боғладилар илик, аёғини руст.
Кўтариб бири бўйниға они.
Қилдилар йўлға азми пинҳони.
Уйиға борди ул қаронғу кеча
Ким, қаро кўрди уйлаким бу кеча?
Тийра чоҳ ичра солди тутқунни,
Тенгри бир айлаган туну кунни
Мунда чоҳ ичра беҳуду мазлум,
Қавму ханли ишини қил маълум!
Чунки тун қузғуни ҳаво қилди,
Тонг қуши навҳа ибтидо қилди.
Кўз очиб уйқудин анинг хайли,
Қилдилар барча хизмати майли.
Бўлдилар ҳозир уйлаким маъҳуд,
Чунки Масъуд ғойиб эрди не суд?
Барча ғамнок ўлуб, қилиб ёқа чок,
Лек Жайпур барчадин ғамнок.
Дам-бадам изтириб анга ортиб,
Қавму хайли била фиғон тортиб.
Кўз неча кун ғамида ёпмадилар,
Тиладилар, валек топмадилар.
Ёлқибон оқибат бу суратдин.
Мотамин туттилар заруратдин.
Тушти элга қилиб борин ожиз,
Мотамиким, туганмагай ҳаргиз.
Қилди волийи хориж андеша,
Неча кун ғам ебон азо пеша.
Қавму хайли чу бердилар кўп панд,
Бўлди Масъуд ҳажриға хурсанд.
Етти ошин бериб такаллуф ила,
Уйига борди кўп таассуф ила.
Чунки ул кеча ғадр этиб Маллу,
Эл ичин қилди дард ила мамлу.
Меҳр чун шарқ чоҳидин чиқти.
Ер туби хобгоҳидин чиқти.
Очти Масъуд кўз малолат аро,
Кўрди ўзни ғариб ҳолат аро.
Аёғи илги боғланиб маҳкам,
Кўзига тийра жумлаи олам.
Жисмининг нисфи болчиғу су аро,
Ёрими қийрдек қоронғу аро.
Деди: «Ёрабки, бу не ҳол эркин?
Тушму эркин ва ё хаёл эркин?»
Нечаким айлади гумону қиёс,
Ҳолатин айлай олмади иҳсос.
Очти мундоқда чоҳ бошини бирав,
Чоҳ аро тушти шамъдин партав.
Ани ул чоҳдин азоб била,
Боғлабон чектилар таноб била.
Солдилар ун ичинда зору асир,
Кўрди ногаҳки тунд кирди вазир,
Огзиға ҳар не келганин сўкти,
Бир киши бир қучоқ йиғоч тўкти.
Ҳукм қилдики: очингиз расанин.
Яланғочланг, азоб этарга танин.
Дедиким, чекти они икки киши,
Йиғоч урмоқ яна икининг иши.
Нечаким зорлиғ била Масъуд
Дедиким: «Айтингиз, недур мақсуд?
Ғараз ар мол эрур эмас ул кам,
Жон эса йўқ турур музояқа ҳам».
Килмади истимоъ золими хас:
«Йиғоч урмоқни,— деди,— қилманг бас».
Барги гулдеқ танин топиб яланғоч,
Икки золим урарлар эрди йиғоч.
Неча фарёд этибки, урди печ,
Киши фарёдиға етишмади ҳеч.
Токим икки йиғоч ушолди дуруст,
Бўлди икки йиғоч урғучи суст.
Деди золимки: «Бас қилинг, урманг,
Букун они таёқлаб ўлтурманг.
Қатл қилмасмен изтироб айлаб,
Ултурурмен, вале азоб айлаб».
Қўпти бошу аёғидин икки дун.
Бўлди ул феълидин хижил гардун
Қўпуб ўлтурди нотавон Масъуд,
Деди тортиб фиғони дардолуд
Ки: «Гуноҳим недур, мусулмонлар!
Қилмади буйла зулм ёронлар!
Зулму бедод расмидин қайтинг,
Гунаҳи айлаган эсам айтинг.
Одами жойизул-хато бўлмиш,
Бу хато борчаға раво бўлмиш.
Ўткарай ҳар не таржумон десангиз,
Молдинким десунки, жон десангиз».
Неча бу навъ зоҳир этти наво,
Қилмади дуни сангдил парво.
Дедиким: «Қўймангиз ани сўзга,
Демасун бу фасоналар ўзга».
Боғлатиб солди чоҳнинг таҳиға,
Яна ер тутти Юсуф ўз чаҳиға15.
Неча кун бу эди иш.и онинг,
Манъини қилмайин киши онинг.
Борди Масъуд ҳоли сомондин
Тўкубон ашк, илик юди жондин.
Дер эди: «Тиғи кин сурунг охир,
Мени раҳм айлаб, ўлтурунг охир».
Бас жафодин чу зулмгар тўйди,
Тонгла ўлтургали кўнгул қўйди.
Чоҳ бошида қўйди бир кишини,
Айлабон уҳда ўлтурур ишини.
Борди Жайпур олиға шодон
Қи: «бузуқ кўнглунг бўлди ободон.
Душманинг бу сифат эрур мақҳур,
Олди ўлтургали ани дастур».
Келдию уйда тузди базми нишот.
Бода ичмакда айлади ифрот.
Бир қизи бор эди анинг гулрух,
Талхгуфтор, бал шакар посух.
Ҳусн бирла жаҳон элида ғани,
Васфдин балки ҳусни мустағни.
Ишқ умре солиб димоғиға дуд,
Утининг боиси эди Масъуд.
Ҳусни васфини чун эшитмиш эди,
Ҳам йироқтин назора этмиш эди.
Кишига айта олмайин они,
Куяр эрди валек пинҳони.
Ишқдин чун бор эрди кўнглида банд,
Бандини кўрса эрди ҳожатманд.
Меҳнати айлабон сироят анга,
Айлар эрди басе риоят анга.
Уйда-ўқ айламиш эди маълум
Ки, эрур банд ичинда бир мазлум.
Ваҳмдин маҳваши хумоюнфол,
Ани сўрмоққа топмас эрди мажол.
Бу кечаким, отосин англади маст,
Қавму хайлин май этти ер била паст.
Чаҳ нигаҳбони эрди лояъқил,
Мастлиқ уйқусида фориғ дил.
Очибон чоҳ бошини маҳваш,
Чорлади меҳр бирла: «К-эй ғамкаш!
Қайси мазлумсен, не отинг бор?
Бу замон мавт, ё ҳаётинг бор?»
Чу эшитти анинг унин мажруҳ,
Жисмиға майл қилди кетган руҳ,
Нола айлаб деди: «Отим Масъуд,
Жонима юз туман бало мавжуд.
Сен-де, одам ва ё фариштамусен?
Раҳмати ҳақ била сариштамусен
Ки, унунгдин танимға жон келди,
Жисмима муждаи равон келди.
Қила олсанг ишимга фикри қил!
Йўқса, бору мени ўлук билгил!»
Чун эшитти отин бути чолок,
Ишқдин тушти кўнглига топок.
Қон басе ҳажридин ютуб эрди,
Неча кун мотамин тутуб эрди.
Ғойиб ўлмоғлиғи бўлуб эди чин,
Ўлгани, лекин эрмас эрди яқин.
Отасин ҳам билур эди гулрўй
Ким, эрур дев феълу вожун хўй.
Нозанин кўнгли ичра тушти гумон,
Деди: «Ёрабки, бўлмағай бу ҳамон!»
Чунки сўрмоққа айлади тадқиқ,
Билди Масъуд эрканин таҳқиқ.
Деди: «Эй жисминга фидо жоним!
Жонинга садқа жисми пазмоним!
Сени кўргунча мундоқ ўлсам не?
Хаста жонинг фидоси бўлсам не?
Қўрдиким, бу фасонадин йўқ суд,
Ҳилғали чора қўпти ғам фарсуд.
Икки маҳрам каниз эдилар анга,
Жони янглиғ азиз эдилар анга
Ким, анга улдам эрдилар ҳамраҳ.
Нозанин ишқи ўтидин огаҳ.
Айлабон улча саъй имкони,
Чектилар чоҳ қаъридин они.
Чиқти бир колбадки, жон йўқ анга,
Тан аро руҳдин нишон йўқ анга.
Оёқ-илгини ештилар филҳол,
Руҳсиз жисмдин эди тимсол.
Рамидин шўх ўларға ёвушти,
Зор йиғлаб аёғиға тушти.
Кўрди ҳолин сўрар маҳал эрмас,
Анда турмоқ натижаи бермас.
Ул икавга кўтартибон они,
Андоқ эвга киюрди пинҳони
Ким, неча турса нотавон анда,
Хеч ким қилмағай гумон анда.
Кат юзида тўшак солиб неча қот,
Анда ётқузди зору хастани бот.
Гоҳ шарбат, гаҳи таом бериб,
Юзидин ўз кўзига ком бериб,
Хизматин айлабон шафиқона,
Бор эди теграсида парвона.
Ул кечаким, ани чиқорди ул ой,
Сулҳ бўлғон вазири хориж рой,16
Бўлди Масъуд қатлиға жозим,
Қўптию бўлди чаҳ сори озим.
Кўрди: зиндону чоҳ боши очуқ.
Посбон масти хобу банди йўқ.
Посбонни ҳам улдам этти ҳалок,
Бўлди ўз жони ваҳмидин ғамнок.
Чопибон борди воли олиға чуст,
Воқеъ ўлғонни шарҳ қилди дуруст:
Иккиси қолдилар ажаб ғам аро,
Ўзлари ҳолатиға мотам аро.
Оқибат ул ики ситамкора,
Ишга бу навъ топтилар чора
Ки, бурун шаҳр аро қилиб таъжил,
Топсалар, айлагайлар они қатил.
Шаҳр аро эрди нотавон ноёб,
Қилдилар тоғу дашт сори шитоб.
Ўн кун истаб фузунроқ имкондин,
Топмадилар нишонаи ондин.
Ангача шўх меҳрибонлиғидин
Чиқти Масъуд нотавонлиғидин.
Кенгашиб, рой анга топти қарор
Ким, аён бўлғай иккисига фирор.
Шўх икки от қилиб эди тайёр,
Пўяда мисли кавкаби сайёр.
Қайтғоч волию вазиру сипоҳ,
Йўлда чун ҳеч қолмади икроҳ.
Қочибон йўлға тушти икки рафиқ
Ким, демишлар: «рафиқу сумма тариқ»17
Бу кеча қочтилар ики ҳамроҳ,
Тонгласи халқ бўлдилар огоҳ.
Қавдилар борча саъй этиб жони,
Жаҳднинг улча бўлғай имкони.
То кўрунди алар қаролари ҳам,
Қолмади бир йиғоч аролари ҳам.
Икки бечора жонида эди тоб,
Чора қилди мусаббибул-асбоб18
Ким, кўрунди илайларида тенгиз,
Фурзада бир кема, вале юксиз,
Етгач-ўқ музд айлабон таъйин,
Бўлдилар кема ичра баҳрнишин.
Сурдилар кемани шитоб била,
Етти қавғунлар изтироб била.
Кўрубон уйла меҳнати жовид,
Ул иков ёнди жонидин навмид.
Юрубон қўйдилар қироқ сори юз.
Бу икав сувда ўн кеча-кундуз
Кемадин чиқтилар иков хушҳол,
Миндилар отқа айлаб истиъжол.
Шаҳрким, туттилар анинг сори йўл,
Пойтахт эрмиш иттифоқий ул.
Йўл юруб кеча субҳ чоғиғача,
Еттилар шаҳрнинг қироғиғача.
Йўлда бир эски қалъа томи эди,
Панаҳида неча ҳароми эди.
Анда етгач аларға сурдилар,
Ҳар бирин ўн киши тушурдилар,
Олибон оту тўнларини тамом,
Қилдилар жилвагаҳлариға хиром.
Икки урён ичида қайғу эди,
Шукр эрдики, тонг қаронғу эди.
Ушбу ҳолатда еттилар хайле,
Қилди Масъуд алар сори майле.
Чун ўз аҳволидин хабар қилди,
Дарди ул хайлға асар қилди.
Бир-ики эски кийгулук ташлаб,
Ёндилар, шаҳр сори йўл бошлаб19.
Сатри аврат қилиб ики ҳамдард,
Кирдилар бир бузуқға ғампарвард.
Ёруғоч тонг сипеҳр жомидек,
Қочти тун ҳиндуси ҳаромидек.
Ул бузуғ ичра эрдилар бу ҳол
Ангачаким, қуёшға бўлди завол.
Очлиғ заъфи бўлди чун ғолиб,
Нафс бўлдн ғизо сори толиб.
Шўхда чун йўқ эрди тобу тавон,
Бўлди Масъуд шаҳр сори равон
Ким, анга етса ҳар нечук рўзи,
Они қут айлагай дилафрўзи.
Қўйди бозор ичига чунки қадам,
Шоҳ базми учун биров ул дам.
Тослар соз этиб эди мақбул,
Нечада умна, нечада танбул20.
Дер эди: «Ҳар бирига икки дирам,
Музд эрур ҳар кишики қўйса қадам».
Чунки Масъуд эшитти ул сўзни,
Тоскаш айлади равон ўзни.
Ул жамоат аро урар эди гом,
Йўл йироғу аларға йўқ ором.
Заъфлиқ жисми тоби чун кетти,
Шоҳнинг чорбоғиға етти.
Жуна гулшан аро ичар эди май,
Базмида лаҳни уду нолаи най.
Чунки Масъуд ишин эшитмиш эди,
Ғамидин ақлу ҳуши итмиш эди.
Ёдидин беқарор йиғлар эди,
Май ичиб зор-зор йиғлар эди.
Боғ аро чунки кирди ул маҳзун,
Ахтачи илгида эди «Гулгун».
Чун назар қилди дашт паймоға,
Кўзи ул лаҳза тушти тамғоға.
Англадиким, эрур ҳамул маркаб,
Солди ҳайрат ҳазин ичига тааб.
Деди: «Ул меҳмон буён сурмиш,
Шоҳ олиға туҳфа келтурмиш».
Юругач илгари аёғи анинг,
Топти гулчеҳр унин қулоғи анинг
Ким, чекар эрди соз ила нағмот,
Лаҳнида борча ошно абъёт.
Таниға печу тоб тушти яна,
Кўнглига изтироб тушти яна.
Мунда доғи ичига тушти гумон
Ки, санамни сотиб экин меҳмон.
Қўйди чун шаҳ бисотиға гомин,
Кўрака ичра кўрди ўз жомин.
Жоми майдек ичига қон тушти,
Кўзларидин оқарға ёвушти.
Мунда ҳам они дард этиб беҳол,
Ҳам ўшул икки янглиғ этти хаёл.
Кўнглига заъф бўлди муставли,
Деди: «Ераб, не қилғаним авли?»
Шаҳ сори кўзи тушмак эрди хамон,
Тонидиким эрур ҳамон меҳмон.
Ўзи берган киби тўни гулранг,
Яна гулранг тож ила авранг.
Бера олмади ўзи бирла қарор,
Ул замон қилғали ўзин изҳор.
Ки: «агар зоҳир айласам ўзни,
Муздума тикмиш ўлғамен кўзни».
Зоҳир ўлмоқтин ушбу бўлди ғараз
Ки, керак ҳар не қилғаниға эваз
Тосни олдилар чу бошидин,
Кўзлари бўлди ғарқ ёшидин.
Тошқори чиқти бормоғин тишлаб,
Мумкин эрмас ғариб иш ишлаб.
Истади боғдин чиқарни юруб,
Ҳиммати гомин осмонға уруб.
Неча ходимки, шаҳға қойтмиш эди,
Меҳмони била узатмиш эди.
Шаҳ эшигида эрдилар бори,
Кўзлари тушти чун анинг сори.
Тонидилар бориси маҳдумин,
Ул дағи кўрди хайли маҳкумин.
Борча беихтиёр ўкурдилар,
Қўпуб онинг сори югурдилар.
Сар-басар бўлдилар аёғиға паст,
Айлаб ўзни ғирев ила ҳамдаст.
Ул дағи чун алар ишига боқиб,
Ашки беихтиёр кўздин оқиб.
Тошқори чун бу шўру шар бўлди,
Ичкари шаҳға ҳам хабар бўлди.
Воқиф ўлди сўруб шитоб била,
Югуруб чиқти изтироб била,
Кўрубон ёрин уйла ҳолат аро,
Бўлди ёруғ жаҳон кўзига қаро.
Қучубон бўйнини, тўкар эди ёш,
Ул қўяр эрди шоҳ аёғиға бош.
Ул тарафдин канизаки чиний,
Қон тўлуб дийдаи жаҳонбини,
Гул рухсори ғарқа қон ёшиға,
Эврулур эрди мунъими бошиға.
Топқач ул изтироб ўти таскин,
Шаҳ неча кимса айлади таъйин
Ким: «исиғ сувға элтингиз они»,
Ул куюб ҳамраҳи учун жони.
Ҳолидин шаммаи баён этти
Ким, анга чархдин нелар етти.
Шоҳ чун билди андоқ афсона,
Қилди таъйин заифалар ёна.
Кийгулук ҳуллалар бори гулранг,
Маҳди гулгун ила қилиб оҳанг.
Пари гулчеҳру неча хожасаро,
Топтилар они ул хароба аро.
Кийдуруб бўй-бошиға ҳуллаи ол,
Маҳд ичинда киюрдилар филҳол.
Маҳдни боғ аро тушурдилар,
Ани бир қаср аро киюрдилар.
Анда гулчеҳр бирла неча каниз
Асрабон они шоҳвор азиз.
Бу тарафдин исиқ суға Масъуд
Кирибон чиҳти уйлаким маъҳуд.
Борча гулгун либос эди тайёр,
Шаҳға ул айлаган киби изҳор.
Чунки кийди либоси шоҳона.
Истади они шоҳи фарзона.
Яна қучтию ўғлидек кўрди,
Неки бошиға ўтганин сўрди.
Қилди Масъуд саргузаштини фош,
Ул дер эрдию шаҳ тўкар эди ёш.
Қилди ўзга рафиқу соҳиб ани,
Туну кун ҳамдаму мусоҳиб ани.
Берибон кўп хизоналар била нақд,
Анга гулрухни доғи боғлади ақд.
Анинг ўлди Тароз ва Дарбаст,
Неча кишвар доғи анга пайваст.
Қасри гулранг аро бўлуб гулпош,
Майи гулфом бирла эрди маош.
Буйла ҳолатда ҳукм топди судур
Ким, топиб қатл Маллуву Жайпур.
Бўлди ер қонлари била гулфом,
Кўрки, гул фаслидур не хуш айём.
Дўстлар ғарқ гул аро то фарқ,
Яна душман бу навъ гул аро ғарқ21.
Хушдурур боғи коинот гули,
Барчадин яхшироқ ҳаёт гули»22.
Сурди чун ровий ул дақиқ мақол,
Анга ҳам бўлди шаҳ муфаттиши ҳол.
Ул ҳам эрди Тароз кишваридин,
Балки Масъуд наслу гавҳаридин.
Ўзига қилди ҳамдаму ҳамроз,
Яхшироқ буки, нақду мулки Тароз.
Солди тутқоч бу навъ амр вужуд,
Кўзига уйқу толии масъуд.