Anvar Obidjon. Oltin yurakli avtobola (qissa)  ( 10598 marta o'qilgan) Chop etish

1 B


AbdulAziz  18 May 2010, 07:28:45

Anvar Obidjon. Oltin yurakli avtobola (qissa)



Muallif: Anvar Obidjon
Hajmi: 5,17 Mb
Fayl tipi: pdf, zip
Saqlab olish
Online o'qish

Qayd etilgan


Habib  19 May 2011, 14:19:26

Анвар ОБИДЖОН

ОЛТИН ЮРАКЛИ АВТОБОЛА


Чўпчак қисса, ҳикоялар

Тошкент
Ўзбекистон ЛКСМ Марказий Комитети
«Ёш гвардия» нашриёти
1988



ОЛТИН ЮРАКЛИ АВТОБОЛА

Чўпчак қисса

Сеҳрли сартарошхона
 
Аждодларимизнинг донишмандлигидан фахрланиб юрувчи ўқимишли болалар яхши билишади – Шердор мадрасасини тиклашга ўн икки йил, дунёда қиёси йўқ Оқсаройни битказишга қарийб чорак аср вақт сарфланган. Пештоқига «Қайчи хола» деб ёзиб қўйилган ёғоч дўконча эса, шаҳримизнинг қоқ ўртасида бир кечадаёқ пайдо бўлди-қолди.
Хўш, нима қипти, дерсиз. Гап шундаки, ўша дўкон¬ча қурилмаганда, ушбу қисса ҳам битилмаган бўларди.
Хуллас, уста Тошмат деган тиниб-тинчимагур чол нафақага чиққанидан сўнг уйда уймаланишдан зерикиб, болалар учун сартарошхона очди. Балки, бунақа махсус сартарошхона жаҳонда яккаю ягонадир-у, оламшумул янгилик яратганидан чолнинг ўзи ҳам бехабар юргандир.
Сартарошхона болаларники бўлишига қарамай, у ердан на қий-чув, на араз-дураз, на йиғи-сиғи эшитилар, табиийки бу ҳол ўткинчиларни таажжубга солар эди. Ҳатто илгарилари устанинг қўлидаги мўйкесарни темир ялмоғиз деб ўйлайдиган кенжа ўғлим ҳам энди миқ этмай ўтириб соч олдирадиган бўлди.
Бунинг сабаби бор. Уста Тошмат жуда кўп эртакларни билар, «Авазхон», «Кунтуғмиш», «Гўрўғли» сингари достонларни ёддан айтар, «миш-миш» гапларга ўхшаб кетувчи сирли воқеаларни ҳаяжонли тарзда ҳикоя қилиб берарди. Бунақа вақтда болалардан тортиб, миттивойларни етаклаб келган ота-оналаргача навбат кутиб зерикишмас, айримлар соч олдириб бўлганидан кейин ҳам уста буванинг сўзи тугашини пойлаб, кетолмай туришарди.
Буниям ўша сартарошдан эшитганман. Бўлиб ўтган ишларга оз-моз қўшиб-чатиб гапирганми, Марчелло билан Габриэлла эртагига қиёсан ўзи ичидан тўқиганми, аниқ бир нарса дейишим қийин. Умуман, бунинг унчалик аҳамияти ҳам йўқ. Биз учун муҳими шуки, бу жуда қизиқ воқеа.

* * *

Шаҳримиз ўзининг улуғворлиги билан эмас, кўркам ва саришталиги туфайли оғизга тушган. Бир-бирини шахмат катакларидай кесиб ўтувчи равон кўчалари улкан чинорларнинг тарвақайлаган шохлари остига кўмилиб ётади. Марказдаги ўрмонсимон боққа кирсангиз, юртимизда ўстириладиган гуллардан исталган намунани топишингиз мумкин. Боғ ёнидан оқиб ўтадиган сойнинг улоқчи суви саратонда ҳам тишингизни қақшатади. Шаҳар шимол ёқдан яйдоқ даштга бориб тақалса, ғарби – тоғ этакларига, шарқ тарафи чучмома-ю яккам-дуккам гиёҳларгина ўсадиган сертош адирларга туташган. Жанубий қисмини эса ўркачдор яйловлар, булоқларга бой чакалакзорлар ташкил этади.
Адирга ёндош томондаги чакалакзор тепасидан ўтувчи сойнинг шаҳобчаси ҳисобланмиш кичик анҳор ёқасида баланд тош девор билан қуршалган мўжазгина қўрғон бор. Бу қўрғон бир даврларда пахтачи бойнинг чорбоғи бўлган экан.
Айтишларича, пахтачи бой ҳокимият «қизиллар» қўлига ўтгандан кейин бор бисотини туяларга ортибди-ю, тўнғич хотини ва болаларини эргаштириб, узоқ юртга бош олиб кетибди. Кенжа хотини қаттиқ шамоллашдан бетоб ётгани сабабли олти ойлик ўғли Бекхўжа билан шаҳарда қолибди. Бойнинг пахта заводи, данғиллама уйлари, қолган-қутган мол-мулки давлат томонидан мусодара қилинган бўлса-да, шаҳар четидаги кичик чорбоғи кенжа хотинига хатлаб берилибди.
Бекхўжанинг онаси саводхон аёл бўлиб, ҳамма уни Отин биби деб атарди. Отин биби ўғлини билимдон, тадбиркор, сўзамол қилиб тарбиялай бошлади. Бекхўжа ёши етиб мактабга тортилгач, дунёвий илмларни эгаллашда ҳам зўр иштиёқ кўрсатиб, эътибор қозонди.
Лекин, ҳаётда тасодиф кўп. Бекхўжа ўн тўрт ёшга қадам қўйганида тўсатдан шол бўлиб қолди. Шундан кейин Ғани заргар деган тоғаси уни тарбиясига олиб, тирикчиликка яраб турар деган мақсадда ўз касбини ўргата бошлади. Зеҳни ўткир Бекхўжа тўрт-беш йилдаёқ заргарликда тоғасидан ҳам ўтиб кетди, ясаган тақинчоқларининг таърифи бутун шаҳарга ёйилди.
Ўғлининг ишлари ривож топаётганидан Отин биби қанчалар қувонмасин, барибир кўнглининг бир чеккаси доимо хижил юрарди. Айниқса, қариндош-уруғлари тўй-ҳашамга айтганида, келин кўрдига борганида мунғайиб қолар эди.
Кейинчалик бир дарди икки бўлди. Бекхўжа тунлари олдига келадиган қандайдир шубҳали кимсалар билан гоҳида саҳаргача гурунглашадиган қилиқ чиқарди.
Отин биби сил касаллигидан вафот этгач, шаҳар четидаги осойишта чорбоғ Кўршапалак лақабли машҳур қулфбузар тўдасининг бош маслаҳатхонасига, пахтачи бой қурдирган сирли ертўлалар ўғирланган мол сақланадиган омборларга айланди.
Ишлар юришиб турган бир паллада Ғани заргар яширинча тилла сотаётиб қўлга тушиб қолди. Қариянинг салгина тилдан тойиши бутун тўданинг фош этилиши деган гап эди. Шундайин ҳам бир чўқиб, етти аланглаб яшаётган Бекхўжа бу воқеадан сўнг буткул оромини йўқотди. Қандай бўлмасин, Ғани заргарни қамоқдан қутқариб олиш лозим эди. Лекин, қандай қилиб? Қайси калит билан?
Калитнинг дараги мутлақо кутилмаган жойдан чиқди. Бекхўжа бир куни янги газетларни апил-тапил кўздан кечираётиб собиқ синфдоши, эндиликда довруғдор олим Камол Камтарий ҳақидаги мақолани ўқиб қолди-ю, ярасига малҳам топилгандек севиниб кетди.
 – Аввалроқ эсимга келмаганини қаранг-а, – дея қўлларини бир-бирига ишқаб қўйди у. – Мана, калитниям топдик ҳисоб. Энди баҳосини инсоф билан чамалаб кўрайлик.
 
Писмиқ заргар
 
Камол навбатдаги табрикномани очиб, одатига кўра олдин имзога кўз ташлади: «Бекхўжа». Ким бўлди бу?
Узоқ ўйланиб ўтирмай, хатни ўқий бошлади.
«Азизгинам Камол! Техника фанлари номзоди унвонини олганинг билан чин юракдан табриклайман. Мартабанг бундан ҳам улуғ бўлаверсин, биз фахрланиб юраверайлик.
Кўришмаганимизгаям анча бўлди. Дам олиш куни қиттак фурсат топиб, биз ғариблардан ҳол-аҳвол сўраб ўтсанг, бошим осмонга етарди. Ҳарқалай, чорбоғимни унутмагандирсан?
Ҳозирча хайр. Сени соғиниб кутувчи:
Бекхўжа».
Хатни ўқиб бўлиб, муаллифнинг кимлиги ниҳоят ёдига тушди-ю, лов этиб юзига қон тепди. Камол ёшлигида димоғдор Бекхўжа билан ҳеч қачон яқин тутинмаганди. Шунга қарамай, ногирон бўлиб қолган мактабдошини киройи одамгарчилик юзасидан йўқлаб қўйиш бирон марта эсига келмаганидан уялиб кетди, дўнгалак пешанасини калтабақай бармоқларига тираганича хаёлга чўмди...
Камол муаллимлардан камдан-кам танбеҳ эшитарди. Ўша куни тарих ўқитувчиси уни тергаб қолди:
 – Охирги вақтларда сусайиб кетяпсан. Ўз юртининг тарихини билмаслик... бу энди...
 – Бунга математика бўлса бас.
 – Сендан сўраётганим йўқ, Бекхўжа! Ҳм... хуллас, энди ёш бола эмассан, Камол. Муқаннани Торобий билан адаштириб ўтирибсан-а.
 – Қўйиб берсангиз, бу афандим Жалолиддинни Қўқон хони бўлган дейишданам тоймайди.
 – Бекхўжа! Жим тур деяпман!
 – Тўғри-да, – барибир тийилмади Бекхўжа. – Каллаварамлигини бетига айтиб қўйиш керак.
Энди Камолнинг ҳам сабри тугади.
 – Оғзингни юмиб ўтир, сарқит!
Дарс тугаб, уйга қайтишаётган чоғда ортдан Бекхўжанинг: «Ҳў, ялангоёқ!» деган товуши эшитилди. Бу гапнинг гўё унга алоқаси йўқдек, индамай йўлида давом этаётган Камол, «юрак борми ўзи», дея иккинчи марта мурожаат қилингандан кейин номус кучи тўхтаб, ортга ўгирилди. Бекхўжа кела солиб, ҳеч бир «муқаддима»сиз унинг кўкрагига калла қўйди. Кутилмаган зарбадан юмалаб тушган Камол ўзини ўнглаб улгурмай, Бекхўжа унинг устига миниб олиб, аёвсиз дўппослай кетди...
Ойнаванд айвон ичида зириллаб юрган чумакари «чарс-чурс» қилганича ўзини у деразадан бу деразага ура бошлади.
 – Каллаварам деб анавини айтса бўлади, – қўлидаги хатни биққи курси ёнидаги токчага қўяркан, арига тикилиб мийиғида жилмайди Камол. – Қайтай деса, ўзи келган йўлни ўзи тополмай сарсон.

* * *

Бекхўжанинг тап-тақир бошга шолчадўппи кийган шахсий хизматчиси дастурхонни бир зумда тансиқ неъматларга тўлдириб ташлади. Собиқ синфдошларнинг суҳбати тезда қизиб кетди.
Заргарнинг меҳмонхонаси аралаш моллар дўконини эслатарди. Эшикнинг чап биқинида тизилган паст-баланд нақшиндор жавонлар токчасидаги чинни-ю биллур, кумуш-у тилла идиш-буюмлар маржондор қандил нурини қайтариб, кўзни қамаштираётганди. Оёқ остига тўшалган момиқ туркман гиламларининг энг чиройлиси тўридаги деворни ёппа эгаллаб турар, унинг у ер-бу ерига қадимий қурол-яроғлар дид билан илиб қўйилганди. Эшикнинг қарши томонидаги бахмал пардали деразаларда бўйчан хитойи кўзалар. Пойгакдаги ёғоч тахмон эса китоблар билан лиқ тўла. Уларнинг талай қисми «ноёб»лардан эканини Камол бир қарашдаёқ сезиб улгурди.
Ўҳў! Юсуф хос Хожибдан тортиб Спенсер-у Гегелгача! Ҳозирги балдоқфурушлар билан ҳам ҳазиллашиб бўлмайди шекилли?
Ҳм... пастга кўндаланг тахланганлари... Булар эскича китоблар бўлса керак.
Камол зеб-ҳашамларни алоҳида диққат билан кўздан кечираётганини сезиб, Бекхўжанинг кўкраги керилди.
 – Булар шунчаки юпанчга ўхшаган нарсалар, – дея мағрур қўл силтаб қўйди у. – Тўрт мучанг соғ экан, ўттиз ёшда эл оғзига тушдинг. Мен кандикка биқинволиб, сирға-узук «кашф» қилиб ётибман.
«Тўрт мучанг соғ...» деган гапнинг тагида, «агар ногирон бўмасам, довруғ солиш нималигини кўрсатиб қўярдим», қабилидаги таъна яширинганини англаган Камол бир лаҳза ўнғайсизланиб қолди.
 – Ие, аёлларимизни чиройли қилиб кўрсатиш майда иш бўптими? – мезбоннинг кўнглини кўтаришга тиришди у. – Буниям жамиятга нафи катта.
Бекхўжа юзага келган ҳар қандай қулай вазиятдан усталик билан фойдалана биларди. Бу сафар ҳам шундай қилди.
 – Одамни жуда қувонтириб юбординг, – деди у ортидаги жавонга узалганича ғаладонни тортаётиб. Ғаладондан духоба қутича олиб, уни Камолнинг олдига сурди. –
Гапларинг рост бўлса, жамиятга яна бир марта фойда келтиришимга тўсқинлик қилма.
Камол қутичани қўлига олиб, аста қопқоғини очди. Унда бир жуфт тилла балдоқ ва ёқут кўзли узук чарақлаб турганини кўриб, иккиланган сиёқда заргарга юзланди.
 – Хижолатпазликни йиғиштириб қўй, азизгинам, – арвоҳ ролида ўйнаётган артистдек қатъий ва дона-дона сўзлади Бекхўжа. – Булар менга деҳқончиликдек гап.
 – Ахир...
 – Ўзингга оро беришга вақт топмаётган экансан, лоақал хотинингга парво қиптурсанг ёмон бўлмасди.
Бекхўжа ёш олимнинг тартибсиз тўзғиб турган сочлари, эгнидаги одмигина костюмига истеҳзоли кўз югуртиб чиққач, «эриб турганимда опқолсанг-чи», деган маънода киприк қоқиб, мулойим жилмайди.
Камол фавқулодда ўткир дид билан ясалган тақинчоқларни қизиқиб кўздан кечираркан, ора-сира заргарга синовчан кўз ташлаб қўяр, Бекхўжа юзига самимий тус беришга уриниб, унга жим тикилиб турарди.
« – Қанчалар бебаҳо бўлмасин, бу даҳмазалар барибир мени бутунлай ром қилолмайди, – дерди гўё Камол. – Саховатли табиат менга ғайрат ва истеъдод шавқини берди. Яна нима керак?».
« – Шўринг қурсин, шиппаксиз Аристотел, – деб жавоб қилаётганга ўхшарди Бекхўжа. – Билмайсанки, айни пайтда мислсиз заҳмат, бир умр ўз-ўзидан қониқмаслик азобига маҳкум этилгансан».
« – Табиат менга зеҳн ва идрок берди, бу билан олам қалбини тинглай олишдек улкан саодат инъом этди. Яна нима керак?».
« – Билмайсанки, айни пайтда ўша дардманд оламнинг дод-фарёдларига парвосиз боқишдек чексиз ҳаловатдан маҳрум қилингансан... Ҳа, табиатда адолат бор, тарозининг посангисини доим тенг ушлайди. Бировни нималаргадир ёлчитган экан, шак-шубҳа йўқки, нимадандир камситади ҳам».
« – Шахсан мен на кеча, на бугун бирон-бир нарсадан камситилганимни сезмаганман».
« – Биз ғофиллар турмушга ўзимизга ўнг турган томондан қараб ўрганганмиз. Сен ўзингга ўхшаган хаёлпарастларнинг олқишидан сархушланган чоғингда аллақачон чўнтакни қаппайтириб улгурган уддабуронлар орқангдан беармон мазах қилишаётганини сезмайсан. Менинг аҳволим, балки, бунинг аксидир. Лекин, нима бўлгандаям, устунлик барибир мен тарафда – менда пул бор. Пул кишининг ҳамма нуқсонини яширади: нодонни донодан ҳурматлироқ қилади, нимжонни полвон устидан ҳукмрон этади, сичқонни қоплонга айлантиради. Билимда бунақа имтиёз йўқ, ақалли камхаржлигингниям бегона кўздан беркитолмайди».
« – Наҳотки, камхаржликни нуқсон деб ўйласанг?»
« – Ҳар ҳолда, у фазилат ҳам эмас. Шундай экан, кафтингда омонат турган ўлжани маҳкамроқ чангаллашнинг пайида бўл. Тирикчилик бозори шунчалар ур-тўполонки, қўлдан туширган нарсангни қайтиб тополмайсан. Ол, олавер, биринчиси одатда қийинроқ бўлади, кейин бинойидек кўникиб кетасан...».
Ҳатто рақиблар истеъдодини ҳам тан олиб, қадрлаб ўрганган Камол устаси фаранг заргарнинг маҳоратига таҳсин ўқигандек ҳайратомуз бош тебратиб, қутичанинг қопқоғини ёпди. Уни стол четига қўяркан, нима дейишни билмай, бироз пайсалланиб қолди. Чамаси, ўта саховатпеша мезбоннинг қўлини дилга оғир ботмайдиганроқ тарзда қайтариш чорасини излар, дурустроқ баҳона эса ҳадеганда калласига келмаётган эди.
 
Совға кўланкасидаги жоду
 
Гарчи Бекхўжа хотиржам кўринса-да, аслида нигоҳини ўқдек қадаб, Камолнинг қиёфасидаги ҳар бир ўзгаришни зийрак кузатиб ўтирарди. Унинг ингичка қошига рангдош тимқора кўзлари қадимий шарқона суратлардагидек қийиқ ва жозибали эди. Бир қарашда бу кўзлар эгаси бирон-бир кимсага озор етказиши мумкин эмасдек туюларди.
 – Деҳқончилигим кўнглингга ўтирмади шекилли? – дея қисқа жимликни бузиб, афсуснамо оҳангда гап ташлади Бекхўжа.
 – Аксинча... – бу гал ҳам унинг кўнглини кўтаришга тиришди Камол. – Қўлинг гул экан, тан бердим.
 – Сенки тан берган экансан, энди келин ҳақида гап-сўз йўқ...
 – Минг аттанг! – кулимсираб боқди Камол. – Хотиним бу масалада жуда қолоқ. Зеб-зийнат десанг, қирқ қадам нарёқдан айланиб ўтади. Юрист халқи ҳам оддий, ҳам жиддий бўлиши керакмиш.
Бекхўжа унинг оилавий томони ҳақида ҳеч нарса билмайдигандек, ўзини таажжубланганга солди.
 – Юрист? Анавини қараб қўй!
 – У тирранча... шаҳар прокурори ҳозир.
 – Йўғ-е, нималар деяпсан! Бундан чиқдики, тоғамни ишиям...
Бекхўжа беихтиёр ўринсиз гап айтиб юборгандек, тилини тишлади. Камол унга ҳушёр тортиб қаради.
 – Тоғанг?
 – Бемаъни одатим бор-да, – ўзини койиган бўлди Бекхўжа. – Кўнгилга яқин кишим билан гаплашсам, тилимни тиёлмай қоламан.
 – Ҳартугур... нима гап ўзи?
 – Шу десанг, менга ота йўллик бўлиб қолган тоғам қамоқда ётибди. Арзимаган ишга.
Камолнинг юраги нимадандир безиллаб, заргарга тийракланиб боқди.
 – Агар... чинданам арзимаган иш бўлса...
 – Сенга ўхшаган донолар ҳозир танқисроқ, – деб ҳасратланди Бекхўжа. – Арзийдигани қайси-ю, арзимайдигани қайси – буни ортиқча суриштириб ўтиришмайди. Айниқса, гап тиллага бориб тақалдими, тамом – эллик грамм пуллаганниям, эллик кило ўмарганниям бир хил таёқда савалашади. Шу инсофданми?
Қимматбаҳо совғанинг зиғирттак кўланкасида улкан илтимос яшириниб ётганини ниҳоят англаб етган Камол туйқус ноқулай аҳволга тушди. Чайнаётгани бўғзига қадалиб, қўлидаги шингил узумни қайтариб идишга ташлади.
 – Сен айтмоқчисанки... Кечирасан-у, хотинимнинг ишига сира аралашмаганман.
 – Жуда тўғри қиласан, – Бекхўжа кутилмаганда унинг гапини маъқуллаб, таъзимнамо бош қимирлатди. – Ҳадеб хотин кишининг ишига суқилавериш – бачканалик. Аммо... зарур бўпқолса...
Заргар этсиз жағини силаганича бир муддат каловланиб турди. Кейин Камолнинг кўзига, «на илож, умидим битта сендан», дегандек илтижоли боқиб, давом этди:
 – Умуман... хотинингга ҳеч нарса дема. Мабодо, тақинчоқларни қаердан олганингни суриштириб қолса, майли, унда мени тўғримда озгина гапириб берарсан. Гап орасида тоғамнинг мусибатидан азобланаётганимни қистириб ўтсанг, ёмон бўлмасди.
Камолнинг тили тутилиб, энсаси қотганича туриб қолди. Бекхўжа ичимлик қуйилган қадаҳни унга узатаётиб, очиқдан-очиқ ялинчоқликка ўтди:
 – Жон дўстим, ёрдамингни аяма. Ўзим яримжон одамман. Тоғамсиз янаям оғир кунга қоламан. Худо хайрингни берсин.
«Худо хайрингни берсин...» Ҳалиям ўша-ўша Бекхўжа!
... Ўқитувчи ўша куни унинг жавобидан унча қониқмади:
 – Мазанг йўқ, Бекхўжа. Бу сафарча «тўрт» қўяман.
 – Шошманг! Битта «беш» қарз қиптуринг. Мана кўрасиз, келаси гал...
 – «Беш»ниям ўшанда олаверасан!
 – Жо-о-н, домлажон... Худо хайрингизни берсин...
 – Ие! Совет мактабини мачит қилвординг-ку! «Икки» сенга!
 – Шошманг! Узр... Биласиз-ку, аям кичкиналигимда эскича ўқитган. Тил қурғур ўрганиб қолган бўлса, нима қилай? Ана, ҳаммадан сўранг, ўзим худога қаршиман.
Хоҳласангиз, авлиёларни аҳмоқ дейишим мумкин. Ҳукуматимиз бор, нимадан қўрқаман?
... Ҳа, бу барибир ўша Бекхўжа!
Камол қадаҳни ихтиёрсиз равишда қўлга олди-ю, бармоқлари куя бошлагандек, яна столга қўйди. Бекхўжадаги туллакликни болаликдаёқ кўп марта кўриб-кузатган Камол унинг сурбетларча ялтоқланишидан ортиқча ранжиб ўтирмади. Аммо, уни оддий молпарастлар сафига қўшиб, лақиллатиш учун энг сийқа ва арзон тузоқдан фойдаланаётгани жуда алам қилди.
 – Демак, бу... хамир учидан патир экан-да? – шундай дея, у миннатли совғани заргарнинг олдига ташлади. – Олақол, оғир кунингга яраб қолар.
Ҳимоясиздек шумшайиб кўринган «парранда» бир силтанишдаёқ тузоқни узиб юборганидан Бекхўжанинг кўнгли зил кетди. Шундай бўлса-да, қиёфасидаги осойишталикни сақлаб қолишга эришиб, хотиржам қош чимирди.
 – Бўпти, унда очиқчасига гаплашайлик, – Бекхўжа жилла хижолат тортмай, ғариблик ниқобини ечди. – Сенда ақл кўп, менда – пул. Иккаласини бирлаштиролсак, жуда узоққа борардик.
 – Фалсафангга тушунмадим.
 – Ўзингни гўлликка солма.
Бекхўжа фикрини бироз жамлаб олмоқчи бўлдими, сихдан тишида кабоб сидириб, эринчоқлик билан чайнашга тушди.
 – Сен истеъдодлисан, – ниҳоят луқмани ютиб, фалсафасини шарҳлашга киришди у. – Истеъдодли одамнинг душмани кўп бўлади. Бугунги қарсаклар тез орада орқадан тушадиган тарсакларга айланиши турган гап. Акс ҳолда, мантиқ издан чиқади.
Бекхўжа Камолнинг кўзларига бир дақиқа доҳиёна тикилиб тургач, бир-икки тамшаниб қўйиб, сўзида давом этди:
 – Сен интилувчансан. Интилувчан бўлгандаям – бесабрсан, тезкорсан. Йўл текис бўлса, ўлгунингча югураверасан. Афсуски, ҳаётда тўсиқ кўп. Улардан бирма-бир ошиб ўтишга бардошинг етгандаям, анча нарсани ютқазасан: вақтинг кетади – бир, ҳолдан тоясан – икки, асосий мақсаддан чалғийсан – уч. Лўнда қилиб айтганда, орзу шоҳсупасига элтувчи пиллапоянинг охирги уч-тўрт поғонасини бой берасан. Аммо, қўлингда бир тутам пул кўринди дегунча, ғанимларинг ҳомийларга, тўсиқлар кўприкларга айланади. Пул шунақа кучли нарса. Истасанг, ўша қудратни сенга мен бераман. Қулай томони шундаки, қарзга эмас.
 – Биринчидан, ҳеч қанақа душманим йўқ, – бу сафар жаҳлини ютиб, сокин сўз қотди Камол. – Бўлгандаям, эркакчасига курашган яхши.
Бекхўжа гавдасини ортга ташлаб, ҳафсаласи пир бўла бошлагандек, шипга бўзрайиб боқди, узун бармоқларини ўйнатиб, столни тириқлатишга тутинди.
Ҳали, келиб-келиб, сенга куйиниб ўтирибманми? Гўдак экансан-ку! Қизиқ, сўрғичинг қайси чўнтагингда турганикин?
Гердайиб ўтиришини кўринг. Покизаман демоқчими? Ўлсам, ҳайкал қўйишади, деб ўйлайди-да. Кимнинг гўри ҳашаматлироқ бўлишини ҳеч ким олдиндан айтолмайди.
Бекхўжа лабини ҳимариб қўйиб, “чирмандаси”ни тўхтатди.
 – Биламан, ҳалол йигитсан, – энди нодон дўстга ачинаётган алфозда ҳазин сўзлай бошлади у. – Лекин, бошқалар-чи? Бугун сен олмаган пул эртага бировнинг қўлига ўтиб, ўзингга қарши ишлатилишиям ҳеч гапмас. Пул деган мараз дев ким ҳақ-у, ким ноҳақлигини суриштириб ўтирмайди, кимга тобе бўлса, ўшанга хизмат қилади.
 – Қора хизматларни бажаради! Эзгуликка девнинг нима алоқаси бор?
 – Нега бўлмасин? – бирдан жонланиб кетди Бекхўжа. – Эзгу ишлар қилмоқчи экансан, бемалол қилавер. Эзгулик душманларини девларинг билан Сулаймондек янчиб ўт, демоқчиман холос. Бу дунё шунақа, ғафлатда қолдирмасанг, ғафлатда қоласан.
Бекхўжа билан бутунлай бошқа-бошқа ўзанлар эканлигига энди батамом иқрор бўлган Камол суҳбатни ортиқ давом эттиргиси келмади. Кетишга шайланиб ўрнидан тураркан, заргарга димоғдор боқиб деди:
 – Пул гулдор қоғоз холос. Илм-у фан ўтдаям куймайди.
Камол ҳеч бир мулозаматсиз «хайр» деб қўйгач, салмоқли одимлаб эшик томонга йўналди. Остонадан ҳатлаётган дамда ортидан Бекхўжанинг дағдағадор товуши эшитилди:
 – Илм-у фан яратган мўжизалар пулга сотиб олинади. Пул кучли!
 
* * *

Орадан икки кун ўтгач, Бекхўжанинг Суперсур лақабли шахсий хизматчиси тақир бошини қашлаб хонага кириб келди.
 – Чатоқ бўпти-ку, хўжайин.
 – Гапни ўша «чатоқ» дейилган жойидан бошла.
 – Тоғангиз Ғани заргарни айтаман-да, – безрайиб гапни чувалади хизматчи.
 – Димланма, Суперсур, – тоқатсизланди Бекхўжа, – ёрилиб кетасан.
 – Хулласи калом, қамоқда юрак ўйноғи тутибди.
Бекхўжа овсар хизматчисининг бўғзидан асосий гапни суғуриб олишга ошиқди:
 – Ўлибдими?!
 – Тинчибди чол, – дея пинак бузмасдан бармоғини шиқирлатди Суперсур.
Бу Бекхўжа учун сўнгги ҳафталардаги энг қувончли дақиқа эди. Енгил тортиб, креслога ястанди.
 – Менга қўшилиб аза тутаётганингдан миннатдорман, азизгинам Суперсур, – қуп-қуруқ кўзларига шунчаки рўмолча суртаётиб, одоб юзасидан мунглироқ овозда гапирди у. – Начора, шахсан юқоридаги зотга тоғамиздек оддий заргар керак бўпқолган экан, сен билан мен ўртага тушолмаймиз.
«Дунёга келиб, бунақа безбетни кўрмаганман, — дея ўйлаб қўйди хизматчи. — Тағин мени Суперсур деганига куяйми».

Йигирма йилдан сўнг
 
Баҳор ҳавосига ишониб бўлмайди: ерталаб қуёш чарақлаб турган эди, тушдан кейин тўзон кўтарилиб, шимол тарафдан қора булутлар карвони ёпирилиб кела бошлади, кечга яқин ёмғир савалаб берди. Шиддаткор томчилар ўтган йилги жулдур япроқларни шохлардан узиб олиб, чирпиратганича ерга чаплар, заҳил дарахтларнинг батамом яланғочланган новдалари янги либос кийиш олдидан яхшилаб чўмилаётганга ўхшарди.
Қош қорайиб қолган пайтда Бекхўжа заргарнинг хилват чорбоғи яқинига такси автомашинаси келиб тўхтади. Унинг орқа эшигидан болишнусха халта кўтариб олган қоматдор кимса тушди-да, жунжикканича ёмғирпўшга бурканди. Бу ўша Кўршапалак лақабли талончи эди. Бундан беш-олти ой илгари ўн йиллик қамоқ жазосини ўтаб келиб, яна эски ҳамтовоқларини топиб олганди.
Такси қайтиб кетгач, Кўршапалак анҳор устидаги кўприк тахталарини майиштирадиган даражада вазмин қадам ташлаб, кўҳна қайрағочлар оғушидаги ғиштин уй томонга юрди. Анҳорнинг захи уриб, икки ёндаги тош деворчасини пўпанак боса бошлаган зинапоядан кўтарилиб, айвончанинг панасига суқилди. Қўлини эндигина қўнғироқ тугмасига чўзган чоғда заранг эшик товушсиз очилиб, олти ёшлар чамасидаги чақмоқкўз бола илтифотсизлик билан уни ичкарига имлади:
 – Киравер, эгрибурун. Келаётганингни деразадан кўриб турувдим.
Кўршапалак даҳлизга кириб, шляпаси билан ёмғирпўшини қозиққа илди. Кейин боланинг елкасига дўстона қоқиб, бўринамо тиржайди.
 – Иштаҳалари жойидами, жаноб тайёрхўр?
 – Ўзинг тайёрхўр? – муштини тугиб, жирракилик билан ўшқирди бола. – Нима опкелдинг менга?
 – Биз ваъдасида турадиган мардларданмиз, Холдорвой, – Кўршапалак костюмининг ички чўнтагидан ўйинчоқ тўппонча чиқариб, болага узатди. – Манави дурандулетни тўппонча дейдилар.
Қув болакай севинганини сездирмасликка тиришиб, қовоқ уйганича тўппончани қўлига олди. Кейин уни Кўршапалакнинг қийшиқ бурнига тўғрилаб туриб, тепкини босди. Кучала тошли тўппонча оғзидан учқун сачратиб, тириллай кетди.
 – Яхшисини топибсан, эгрибурун, – совға учун ўзига хос тарзда миннатдорчилик билдирди Холдор. – Тўппончасиз келганингда, каллангни узволардим.
Шу пайт ичкаридан биёбонсифат калласига шолчадўппи қўндирган Суперсур чиқиб келди.
 – Хўжайин сени кутиб ўтирибди, – Кўршапалакка тосрайганича қўл узатаркан, салом-аликсиз мақсадга ўтди у. – Кир тезроқ.
Кўршапалак скафандр кийган ғаввосдек лапанглаганича ичкарига қараб одимлади. Шолча-поёндозни тепалаб бориб, чўзиқ хона охиридаги қора чарм қопланган эшикни қўполлик билан ўзига тортди.
Бекхўжа заргар велосипед ғилдираклари орасига ўрнатилган биққи креслосида хона тўрроғидаги электр ўчоққа юзланган куйи исиниб ўтирарди. Ҳатто эшик ёпилгандан кейин ҳам миқ этмади.
 – Салом бердик, хўжайин, – пойгакда тўхталиб, атайин баланд овозда гапирди Кўршапалак.
Креслонинг бўйчан суянчиғи ортидан арвоҳларникига ўхшаш ўша тиниқ товуш эшитилди:
 – Қулоғим сенда, Кўршапалак. Профессорнинг қалб сандиғидан бирон нарса ўмардингми?
Кўршапалак столга яқин бориб, қўлидаги халтани ичимлик тўлатилган графиннинг ёнига қўйди.
 – Керагидан кўпроқ эплаштирганга ўхшаймиз, хўжайин.
Заргар ғилдиракларни қўли билан ҳаракатга келтириб, стол тарафга ўгирилди, Кўршапалакка мулойим нигоҳ ташлаб, қаршисидаги ўриндиққа ўтиришга ишора қилди.
 – Ростини айтсам, азизгинам, бу сандиққа сендаги калитлар тушмасмикин деб қўрққандим, – деди у мамнун қиёфада.
Кўршапалак халтани очиб, радио мухбирининг репортёрини эслатувчи ғилофли магнитофонни олди.
 – Маҳмаданароқ бир йигитим бор, – магнитофонни созлаётиб, изоҳ берди Кўршапалак. – Радиодан юборилган мухбирман деб, профессорни роса вайсатибди.
Бекхўжанинг истарасига раҳна солиб турувчи қонсиз юзида кулдиргич ўйнади.
 – Офарин, Кўршапалак! Камол Камтарийнинг бебаҳо маърузасини ниҳоят текинга тинглайдиган бўлибмиз.
Кўршапалак лабига сигарет қистириб тутатди-да, магнитофон мурватини буради. Даставвал сохта мухбирининг сайроқи овози эшитилди.
МУХБИР: Муҳтарам устоз, кейинги мақолаларингиздан бирида қандайдир автоодам ясаётганингизга шама қилиб ўтгандингиз. Қисқа вақт ичида радио шинавандаларидан юзлаб хат олдик – автоодамга бўлган қизиқиш ортиб бормоқда. Агар сир бўлмаса, шу ихтиро ҳақида батафсилроқ сўзлаб берсангиз.
ПРОФЕССОР: Аввало шуни айтиб ўтишим керакки, бу темиртан фикран баркамол автоодам эмас, балки жамият олдидаги бурчини ҳали чуқур ҳис қила олмайдиган кибернетик Автобола холос. Унинг мустақил фикрлай олиш қобилияти бирмунча чегараланган, унга мунтазам равишда йўл-йўриқлар бериб туришга тўғри келади.
МУХБИР: Радиотингловчиларимизни темиртаннинг асосий хусусиятлари кўпроқ қизиқтиряпти.
ПРОФЕССОР: Барча тоифадаги кишиларга бирдек тушунарли бўлиши учун бу ҳақда соддароқ қилиб гапира қолай. Автоболани ясар эканман, инсон организмидан иложи борича аниқ нусха кўчиришга ҳаракат қилдим. Унинг калла қисмига жойлаштирилган микросхема тузилиш жиҳатидан одамзотнинг мия тўқимасига жудаям ўхшаб кетади. Бу тўқима шарофати билан у кўради, эшитади, гапиради, идрок этади, аниқ мақсадга бўйсунган ҳолда ҳаракат қилади... Чарчайди ҳам. Шу туфайли, махсус тугмачани босиб, уни камида олти-етти соат уйқуга ётқизиш лозим бўлади. Акс ҳолда, унинг мия тўқимаси узоғи билан ўттиз беш соатдан кейин бутунлай ишдан чиқиши мумкин.
МУХБИР: Уйқусизликка келганда, Автобола ўт ўчирувчилардан чидамлироқ кўринади.
ПРОФЕССОР: Жуда ўринли ҳазил... Гапда давом этадиган бўлсак, худди биз билан сиздаги каби Автоболада ҳам юрак-қонтомир тизими бор. Фақат унинг томирларидан қон ўрнига электр заряди оқади. Позитрон миядан тинимсиз равишда келиб турадиган сигналлар буйруғига итоат этувчи бу тизим ўта мустаҳкам, айни пайтда, ниҳоятда эластик гавда ва бағоят сезгир пайларга эга бўлган Автоболанинг энг нозик ишни ҳам бежирим уддалай олишини таъминлайди. Масалан, у пиёлага лиммо-лим тўлдирилган сувнинг бирон томчисини тўкмай эгасига олиб бориши, бозордан нарсалар харид қилиб келиши мумкин. Фақат уни ўн беш пуддан ортиқ юк кўтаришга мажбур қилмасангиз бас.
МУХБИР: Тасанно дейиш керак! Боласи тушмагур дурустгина паҳлавон экан.
ПРОФЕССОР: Бунинг устига, югуроқ ҳам. Қайси жойда қандай тезликда юрган маъқуллигини, шароитга қараб, Автоболанинг ўзи танлайди. Энг тиқилинч жойларда ҳам у ҳеч кимга халақит бермай юра олади. Лекин, қулай имконият туғилди дегунча, агар шошилиш жуда зарур бўлса, ҳатто сиртлонни доғда қолдиради. Унинг максимал тезлиги соатига бир юз етмиш километр.
МУХБИР: О, нақадар ғаройиб тилсимот! Ишончимиз комилки, пайти келиб, ҳамшаҳарларимиз бу ноёб болакайни бозор ёки хиёбонда учратиш шарафига муяссар бўлишади. Ҳурматли профессор, балки ўша кун яқиндир?
ПРОФЕССОР: Унчалар узоқ эмас. Автобола деярли тайёр. «Еттинчи сайёра» фирмасига берилган буюртмамнинг бажарилишини кутиб турибман. Бу фирма узоқ йилларга чидамли бўлган олтин ғилофли аккумулятор, яъни олтин юракни ясаб берсаёқ, Автоболамиз оёққа туради. Кейин, педагогчасига айтганда, унга кундалик муомалада керак бўладиган сўзларни ёдлатиш, онгига инсоний хулқ-атворни сингдириш қолади холос...
Кўршапалак магнитофонни ўчириб, сигарет тутунини эркатойларча шипга пуфлади.
 – Тадбиркорликда тенгинг йўқ, азизгинам! – сигарет тутунидан кўнгли беҳузур бўлаётганлигини сездирмасликка тиришиб, бурнини сийпалаганича мақтов ёғдирди заргар. – Демак, олтин юракча битсаёқ...
 – Аккумулятор бир ҳафтада тайёр бўлади, – хўжайиннинг гапини бўлди Кўршапалак. – Мухбирим «Еттинчи сайёра» фирмасигаям бориб, қалбаки репортаж ёзди. Мухбирлик гувоҳномасини ўзим ясаб бердим.
Бекхўжа хизматчисига қониқиш билан кўз қадади. Қўл остидаги югурдаклари ўша такаббур профессорни ҳам, фирмадаги «калладор зот»ларни ҳам боплаб лақиллатишгани ва ниҳоят бадбўй сигаретнинг кулдонга эзғиланаётгани унинг дилига баб-баравар ҳузур бағишлади.
 – Амир Темурнинг қароргоҳида ўтирибман-у, гап Дамашқни шип-шийдам этиш устида кетяпти деб фараз қил. Демоқчиманки, бу ишга жиддий қараб, пишиқ режа тузволишимиз керак.
Кўршапалак шундай гап бўлишини олдиндан билган шекилли, ортиқча мулоҳаза қилиб ўтирмай, дарҳол фикр билдиришга киришди:
 – Мухбиримни «Еттинчи сайёра»га бежиз юборганим йўқ, – деди у. – Автобола билан аккумуляторни бир вақтда, лекин алоҳида-алоҳида ўғирлаган маъқул. Шунақа қилмасак, профессор боланинг тарбиясини бузиб қўйишиям мумкин. Тўғрими?
Бекхўжа аста бош ирғади:
 – Мусо алайҳиссаломдек бехато каромат қиляпсан, Кўршапалак. Гапиравер.
Фикри хўжайинга маъқул тушаётганидан талтайган Кўршапалак ўзини янада эркин тутиб, қўйнидан ярқироқ пичоғини суғурди-да, шиша ликопдаги олмалардан бирини олиб, арча бошлади.
 – Аккумуляторнинг қаердалиги аниқ, – энди анча босиқлик билан гапирди у. – Ўша нарса қачон тайёр бўлишиниям биламиз. Бу ишни йигитларим менсиз ҳам боплашади. Автоболани ўзимга қўйиб берасиз.
Кўршапалак сўқир чап кўзини қисганича иштиёқ билан олма арчишда давом этаркан, лабларини чапиллатиб, Бекхўжага сузилиб боқди. Чамаси, унинг гапи тугаган эди.
 – Менга қолса, кучни аксинча тақсимлардим, – ёқут кўзли узук чақнаб турган бармоғини Кўршапалакка ниқтади Бекхўжа. – Бу дунёпараст одамлар икки
пудли темир боладан кўра икки грамм олтинни ҳушёрроқ қўриқлашади.
Кўршапалак олманинг бўлагини пичоқ учига илиб, иштаҳа билан лунжига тиқаркан, графинга суқланиб қараб қўйди.
 – Тушундим, хўжайин, – деди у вишиллаб кавшаниб. – Бундан чиқдики, аккумуляторни ўзим эплаштиришим керак. Йигитларим Автоболани «телпак» қилишади-ю, бирйўла профессорниям...
У айтилмаган гапни ҳаракат орқали ифодалаб, қўлидаги пичоқни хона бурчагидаги ёғоч ҳайкалга отди. Пичоқ ўрта аср камончиси қиёфасидаги ҳайкалнинг қоқ пешанасига бориб санчилди. Бекхўжа таҳқирланган «камончи»га зимдан кўз ташлаб қўйиб, яна Кўршапалакка юзланди.
 – Олимларни ўлдириб бўлмайди, Кўршапалак, – деди у буйруқ оҳангида. – Улар жамиятга катта фойда келтиришади. Ўзимиз ҳам ўша жамиятнинг бир бўлагимиз. Масалан, Камол Камтарий бўлмаганда, сен билан менга ким Автобола ясаб берарди? Каллакесар Суперсурми?
Олма бекорга арчилмаганини фаҳмлаган заргар графин қопқоғини очиб, стол устидаги қадаҳлардан бирига ичимлик қуйди. Кўршапалак гапга оғиз жуфтларкан, қадаҳдаги суюқлик салмоғини соғ кўзида чамалаб олишга улгурди.
 – Профессор паррак бўлмаса, ишнинг лойқаси чиқади, – дея у қинғир бурнини жийирди. – Мухбир бўлиб борган йигитим унга танилиб қолди. Изқуварлар учун калаванинг учи бу.
 – Манави гапингда жон бор, – деб маъқуллади заргар. – Уни гумдон қилишинг керак.
Кўршапалак бошлиққа сўзини ўтказа олганидан қувониб, тиржайганича қадаҳга панжа урди-ю, «ҳа, мухбирни гумдон қилишинг керак бўлади», деган «изоҳ»ни эшитиб, яна гезарди.
 – Жанг қурбонсиз бўлмайди, – қатъий таъкидлади Бекхўжа. – Ўша маҳмадона йигитингга беҳад ачиниб турибман. Аммо, минг афсуски, профессор Камол Камтарий билан ўзимнинг алоҳида ҳисоб-китобларим бор. Мен уни руҳан ўлдираман. Ру-у-ҳан! – Сўнг қўшиб қўйди. – Қани, профессорнинг соғлиғига қўлингдагини кўтарвор-чи.
 
Тоғдаги фожиа
 
Шаҳар жиноят қидирув бўлими бошлиғи майор Аҳмедов тезкор гуруҳ аъзолари билан профессор Камол Камтарийнинг ҳовлисига қадам қўйибоқ, аллақандай ғайритабиий сукунатни ҳис этди-ю, бирдан юраги увишди. Улар қулфланмаган эшикдан ойнаванд айвонга киришиб, профес¬сорнинг уй хизматчиси қўл-оёғи арқон билан чандилган, кўзига латта боғланиб, оғзига сочиқ тиқилган ҳолда ётганини кўрдилар. Профессорни ҳам хонасидан худди шундай аҳволда топишди. Қотиллик рўй бермагани майорни бироз таажжублантирди, айни пайтда, кўнгли енгил тортди.
 – Ярамаслар! – уни бўшатишгач, арқон изидан моматалоқ бўлиб, увишиб қолган билакларини уқаларкан, ғудранди профессор. – Автобола кимга керак бўп қолдийкин? Бунинг устига, аккумуляториям йўқ.
 – Ҳамма гап шунда-да, ҳурматли профессор, – хонани синчиклаб кўздан кечираётган экспертларнинг нозик ва диққинафас ишини зимдан кузатиб туриб гапирди
майор. – «Еттинчи сайёра» фирмасидаги аккумулятор бугун тунда ўғирлаб кетилган. Буни эрталаб билишибди. Агар шуни хабар қилишмаганда, мен... биз уйингизга келмаган, сиз ҳаливери арқондан бўшатилмаган бўлардингиз.
Туни билан полда ётиб, суяк-суяклари зирқираётган Камол Камтарий диванга ястанаркан, роҳатдан кўзлари юмилиб кетди. Майор Аҳмедов стуллардан бирини олиб, профессорга яқинроқ жойга қўйди.
 – Автобола ҳақида, мабодо, бирон кишига батафсилроқ гапириб бермаганмидингиз? – стулга ўтираётиб сўради у.
 – Гапириб берганман, – негадир афтини буриштирди профессор. – Радио мухбирига.
Майорнинг қиёфасида хиёл жонланиш акс этгандек бўлди.
 – Ҳарҳолда, мухбир билан бир гаплашиб кўришим керак. Малол келмаса, унинг фамилиясини...
 – Ҳожати йўқ, – қўлини ундов белгисидек кўтариб, гапни бўлди профессор. – Ўша мухбир кеча мен билан телефонда боғланиб, бор-йўғи бир неча минутга қабул қилишимни сўради. Журналист халқидан қочиб қутулишнинг иложи йўқлигини билганим учун, вақт кеч бўлиб қолганига қарамай, розилик бердим.
Ҳаёт тасодифлари қозонида қайнаб, не-не чигалликлар билан олиша-олиша соч оқартирган тажрибали майор бу қабулнинг оқибати қандай тугаганини аллақачон англаб етган бўлса-да, воқеа қай тарзда юз берганини аниқ билиб олиш мақсадида профессорнинг оғзига тикилган куйи тураверди.
 – Мухбир десангиз, хонамга кирибоқ, илжайганича менга қурол ўқталди, – гапида давом этди профессор. – Кейин елкамдан туртиб, «марҳамат қилиб деворга ўгирилиб
турсалар», деди. На илож, айтганини қилдим. Шериклари кириб келишиб, аввал кўзимни бойлашди...
Камол Камтарий қолганини ўзингиз кўрдингиз, дегандек дўрдоқ лабини жимириб қўйиб, яна аста кўз юмди.
 – Автобола тўғрисида анча-мунча нарсалардан хабардорман, – профессорнинг роҳатини бузишга мажбур бўлаётганидан хижолат тортиброқ гапирди майор. – Мумкин бўлса, айтинг-чи, уни ясашдан асосий мақсадингиз нима эди?
 – Ёлғизлик балосидан қутулиш, – кўзларини очмасдан, уйқусираётгандек ғўлдираб жавоб қилди профессор...
Камол Камтарий уйлангандан кейин узоқ вақтгача фарзанд кўрмади. Ниҳоят, қирқ тўрт ёшида хотини ўғил туғиб берди. Профессорнинг наздида кўп йиллардан буён жуссасини тўрт тарафдан қисиб турган уй деворлари бирдан кенгайиб кетгандек, одатда рутубат анқиб турадиган хоналар дафъатан чароғонлашгандек туюлди. Хотини ҳам чинакам оилавий бахтни эндигина ҳис қилаётганга ўхшар, унинг чиройли кўзларидаги ўнғайсизланишга ўхшаш соя бутунлай йўқолиб, эндиликда оналик фахри порпираб турадиган бўлди.
Афсуски, бу қувонч узоққа чўзилмади. Орадан кўп фурсат ўтмай, профессор бир вақтнинг ўзида ўғлидан ҳам, хотинидан ҳам жудо бўлди.
Ўша мудҳиш кунни эслай бошласа, дақиқа сайин таранглашиб бораётган асаб томирларининг сетор симларидек бирин-кетин тарсиллаб узилаётганини ҳис қилади. Ҳозир ҳам ана шу азобдан унинг бўйин томирлари тортишиб, диванга тобора чуқурроқ чўкиб бораётганди.
Тоғ оралиғига жойлашган сўлим ва баҳаво Хўжамозор қишлоғи шаҳарликларнинг севимли сайлгоҳи ҳисобланарди. Камол Камтарий Наврўз байрамида оила аъзолари билан бирга ўша ёққа лола сайлига жўнади. Бу унинг ўн тўрт ойлик ўғли эндигина тетапоя юра бошлаган, «дада», «ая» деган сўзларга тили келишиб қолган пайтлар эди. Улар Хўжамозорда илгаритдан таниш бўлган обжувозчи чолнинг уйига қўнишди. Обжувозчининг хонадони қишлоқдан анча четда жойлашган бўлиб, бу ер сокин ва покизалиги билан ажралиб турарди.
Профессорнинг ўша маҳалда иши жуда тиғиз эди. Икки кундан кейин машинамни юборарман, деб кечқуруноқ шаҳарга қайтиб кетди.
Эртаси куни тунда қаттиқ жала қуйди. Тонг палласи шофёри ҳовлиққанича келиб, «Хўжамозорни сел босганмиш», деб қолди. Профессор зудлик билан машинага ўтириб, тоққа жўнади...
Орадан уч кун ўтгач, хотинининг жасади Хўжамозор қишлоғидан анча олисдаги ёйилмадан топилди. Гарчи ўғлининг мурдаси бирон-бир жойдан чиқмаган бўлса-да, унинг тирик қолганига умид қилиш учун асос йўқ эди...
Камол Камтарий эринчоқлик билан кўзини очиб, майор Аҳмедовга бир лаҳза хазин тикилиб турди. Сўнгра ғамгин товушда деди:
 – Мен ўзимга энг паҳлавон, энг ишчан, энг итоаткор ўғил ясаб олмоқчи эдим. Сел уёқда турсин, уни ҳатто ўқ ҳам ҳалок қила олмасди. Афсуски, тақдир менга
шуниям кўп кўрди.
Майорни шу топда бошқа бир нарса кўпроқ ташвишга солаётганди. Автоболани нима учун ўғирлашди? Ундан қандай мақсадда фойдаланишмоқчи? Одамлар эпақага кела бошлаган бир пайтда, наҳот энди темир қаллоблар пайдо бўлса?
Ишларини тугатган экспертлар ташқарига чиқиб боришаётган дамда майор ҳам ўрнидан туриб, кетишга чоғланди. Камол Камтарий ҳаддан зиёд чарчаган бўлишига қарамай, меҳмонни кузатиб қўйиш учун одоб юзасидан жойидан қўзғалди. Улар ёнма-ён юриб боришиб, ташқи эшикка яқинлашишган чоғда майор тўхталиб, профессорга ўгирилди:
 – Ҳалиги сохта мухбирнинг ташқи қиёфасини суриштирмаётганим қизиқ туюлмаяптими?
 – Ҳар кимнинг ўз иш услуби бор, – майорнинг кўнглига ботмайдиган гап айтишга ҳаракат қилди профессор.
Майор эса ўз саволига ўзи жавоб берди:
 – Суриштирмаётганимнинг боиси шундаки, сиз билан икки марта юзма-юз учрашган ўша товламачи бошлиғи учун вазифасини бажариб бўлди. Эртами-кеч, унинг мурдаси шаҳар атрофидаги биронта хандақдан топилиб қолса, сира ажабланмайман.
Профессор, «қайдам, балки чинданам ҳақдирсиз», деган маънода бепарво елка учириб қўйди.
 
Мужмал дарс
 
Ёзга чиқиб, Автобола фақат гаплаша оладиган эмас, балки айрим масалалар устида одамлар билан баҳслашадиган, шахсий мулоҳазалари асосида мустақил фикрлайдиган бўлиб қолди. Ўз атрофидагиларга ўхшаб у ҳам такаббур, дағал ва бешафқат эди.
Гарчи уни «Темиртак» деб чақирса-да, Автобола бу хонадонда фақат Холдорни ёқтирарди. Холдор серзарда ва жирраки бўлишига қарамай, пўлат жуссаси тангабалиқни эслатувчи ошнасини ноҳақ ўкинтирмас, қўпол табиатли Суперсур ўзича хўжайинчилик қилиб бўйин чўзган вақтда у доимо Автоболанинг ёнини оларди.
Автобола Бекхўжа заргарни ҳам унча хушламасди: унинг мужмал гапларини тинглаб ўтиришдан бениҳоят толиқиб кетар, калла қисмидаги микроконденсаторлар зириллаб қизий бошларди. Заргарни у фақатгина Холдорнинг дадаси бўлгани учунгина ҳурмат қиларди.
Бугун ҳам куннинг биринчи ярми Автобола учун одатдагидек хушчақчақ ўтди. Баланд деворлар билан қуршалган боғда Холдор иккаласи роса «уруш-уруш» ўйнашди. Холдор уни ўн бир марта ёлғондакамдан ўлдирган бўлса, Автобола ўз душманини йигирма мартача чўзилтирди. Афсуски, шундай қизиқ ўйин хафагарчилик билан тугади. Бу кўнгилсизликка Холдор сабабчи бўлса-да, сўкишни барибир шўрлик Автобола эшитди.
Воқеа бундай бўлди. Ўйин роса авжига чиққан паллада Холдор, баднафслиги қўзиб, ҳали шира йиғиб улгурмаган кузги олмага кесак ота бошлади. Кеча ҳам беркиниш навбати Автоболага келганда, у олма ейишни баҳона қилиб, ўйинни совитган эди. Холдорнинг яна ғирромлик қилаётганидан жаҳли чиққан Автобола танаси этик қўнжидек бўлиб қолган олма дарахтини қучоқлаб туриб, таг-туги билан кўчириб олди-да, зардали қиёфада ерга ағдариб отди.
 – Ол, бурнингдан чиққунча еявер энди!
 – Яша, Темиртак! – хурсанд бўпкетиб, чапак чалиб юборди Холдор. Кейин олмаларни очкўзларча ғажишга тушди.
Шунда ҳаллослаганича Суперсур келиб қолди-ю, яна оғзига зўр берди:
 – Кучинг дарахтга етдими, оташкуракдан тарқаган? Каллангдаги ускуна ишлайдими ўзи?
 – Анави шалпангқулоқнинг кўзи тўйсин дедим, – ўзини оқлай бошлади Автобола. – Беркиниш навбати менга келганда, бу ғирромчи олманинг тагидан жилмай қолди.
Суперсур эса Холдорни тергаш ўрнига Автоболани бўралашда давом этди.
 – Бу боғ тунукабош энангдан қолганмидики, дарахтларни бир чеккадан ўпираверсанг. Ҳе, ўша сени ўйлаб топганни...
 – Вағиллама! – олмани кавшаб туриб Суперсурга мушт ўқталди Холдор. – Темиртакни хафа қилсанг, каллангни узволаман.
Холдор тушлик қилаётганда Автобола унинг расм дафтари ва қаламини олиб, ўзича алланималарни чизиб ўтирди. Холдор ҳали ўқиш-ёзишни билмаса ҳам расм солишга ишқибоз эди. Бир куни у рақибига пичоқ ўқталиб турган кишининг суратини чизган эди, гарчи одамлар ҳаддан зиёд тасқара: жўхорипоядек ингичка, олакўз, маймоқ тарзда тасвирланган бўлса-да, дадаси уни роса мақтади. «Мана бу ҳақиқий эркакча санъат, – деганди у ўшанда. – Гул билан булбулнинг суратини, майли, ҳезалаклар чизиб юраверсин».
Овқатланиб бўлган Холдор темир ўртоғининг ёнига бориб, чизган суратига разм солди-ю, бирдан кўзлари чақнаб кетди.
 – Вўй! Жудаям ўхшатибсан!
Сўнг дафтарни Автоболадан тортиб олиб, «Эгрибурунни кўриб қўй», дея уни ҳануз чой ичиб ўтирган Суперсурга узатди. Суперсур расм дафтарни менсимаган қиёфада қўлга оларкан, чой ҳўплаётиб кўз қирида саҳифага қаради. Шу қараганича аввалига кўзлари лўқ бўлиб туриб қолди. Кейин пиёлани шоша-пиша столга қўйиб, суратга диққат билан тикилди. Кўршапалак қойилмақом қилиб чизилган эди. Ҳатто қийшиқ бурнининг ёнидаги кичкина чандиғи ҳам эътибордан четда қолмаганди.
 – Ё тавба! – ҳайрат изҳор қилди Суперсур. – Каллангни пақир деб юрсам, бало экансан-ку!
Шу пайт стол яқинидаги жавонча устида турган йўқлагичдан Бекхўжа заргарнинг донадор товуши эшитилди: «Насибангни ютиб бўлдингми, Суперсур?»
Суперсур сертук тумшуғини йўқлагич карнайига яқинроқ олиб бориб, ғингшигандек овозда жавоб қилди:
 – Шукур, бўкмагудекмиз...
 – Жуда соз, Суперсур, – яна товуш келди йўқлагичдан. – Аввал хонамга кириб, дастурхонни йиғиштириб ол. Кейин Автобола билан машғулот ўтказамиз.
 – Хўп дедик-ку, хўжайин.
Бироздан сўнг Автобола истар-истамай заргарнинг ҳузурига кириб борди.
 – Салом, хўжайин.
 – Келдингми? – унга дўстона назар ташлади заргар. – Хўш, аҳволлар қалай, Автобола?
Эндигина креслога ўтирмоқчи бўлган Автобола заргар¬нинг сўнгги сўзини эшитиб, беихтиёр тўхталиб қолди. Унинг кўз ўнгида самимий жилмайганича тикилиб турган оқсоч кишининг ёқимли чеҳраси намоён бўлди. Лекин, бу чеҳрани қачон, қаерда кўрганини эслай олмади. Фақат, ўшанда оқсоч киши ҳам худди ана шу гапни айтган: «Хўш, аҳволлар қалай, Автобола?» дея унинг бошини силаб, елкасига дангиллатиб уриб қўйганди.
 – Бугун хомуш кўринасан, азизгинам? – заргар кўзи билан имо қилиб, уни ўтиришга ундади. – Ўғлим хафа қилмаяптими сени?
 – Холдор билан уришмаймиз, – ўриндиққа ястаниб жавоб қилди Автобола. – Анави Супер мени сал нарсагаям сўкаверади-да. Бундайларни аккумуляторсиз қолдириб, ўлдириш керак.
Бекхўжа заргар қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборди.
 – Бу кекса шаллақи охири автоматларнинг ҳам жонига тега бошлабди-ку, – деди у кулгидан зўрға тийилиб. Кейин, ҳозир айтадиган гапи келгусида унга қимматга тушишини хаёлига ҳам келтирмаган ҳолда, қўшиб қўйди. – Афсуски, ўзидан кучсизларни ўлдириш мардликка кирмайди, азизги¬нам.
Холдорга қўшилиб анча ўйинқароқ бўлиб қолган Автобола, «гапни чўзмай, дарсингни тезроқ ўтиб қўяқол-да», дегандек тоқатсизланиб турарди. Буни фаҳмлаган заргар қиёфасини бирдан жиддийлаштириб, бармоғида столни чертган асно бир зум шипга тикилиб турди.
 – Янглишмасам, ўтган дарсда биз буюм ва унинг қадри ҳақида суҳбатлашиб, охири оқилона бир хулосага келган эдик, – дея гапга киришди у Автоболага юзланиб. – Хўш, ёдингдами ўша хулоса?
 – Эсимда турибди, – бош ирғади ўта ноёб хотирали Автобола. – Сиз, «буюмнинг қадри – унинг нархида», деган эдингиз.
 – Офарин, Автобола! Демак, йўлда ётган темир қошиқни ҳатто саёқ ит ҳам ҳидламайди. Аммо, ўша қошиқдек тиллани деб кап-катта одамлар бир-бирларини бўғизлашса, биз бундан заррача ҳайратланмаслигимиз керак экан. Шундайми?
– Тўғри, хўжайин, – Автобола заргарнинг гапини маъқуллаб, яна бош ирғади. – Чунки, тилланинг нархи баланд.
Заргар бўзранг юзига тантанавор тус бериб, навбатдаги мужмал фалсафалари билан талабасининг позитрон миясини ғовлатишга киришди.
 – Бугун биз пул ва одамзотнинг унга муносабати ҳақида гаплашамиз, – деди у. – Одам ер юзидаги барча мавжудот сингари асосан нафсини қондириш билан овора
бўлса-да, синчиклаб кузатилганда, унда баъзи бир афзалликлар мавжудлиги кўзга ташланади. Яъни пулни оддий қоғоздан ажрата олади, пулга меҳр қўяди, жамғаради, зарурат туғилганда, қисман харжлайди ҳам. Одамзот айнан шу қобилияти билан эшак ва чўчқадан кескин фарқ қилади.
Бекхўжа навбатдаги жумлаларни фикрида маржондек тизиб олиш учун бироз тўхталиб турди.
 – Нозик табиатли одамзотнинг ҳурмат-эътиборига ҳақли равишда сазовор бўлган ўша пул икки хил йўналишда ҳаракат қилади, – дея «дарс»ни давом эттирди заргар. – Биринчи йўналиш, бу – даромад, иккинчиси – харажат. Янаям соддароқ қилиб айтадиган бўлсак, чўнтакка тушгани – даромад, чўнтакдан кетгани – харажат дейилади. Баъзи донолар даромадни кирим деб ҳам айтади, хара¬жат эса чиқимдир. Даромад қанча мўмай бўлса, сарф-харажат учун шунча қулай имконият туғилади. Аммо, ҳар қандай ҳолатдаям, харажатнинг даромад билан тенглашиб қолишига зинҳор-базинҳор йўл қўймаслик керак. Чўнтакдаги хонавайронлик мана шу оддий қоидани тушуниб етмаслик ёки унга кўр-кўрона итоат қилмасликдан бошланади. Ҳамёни бўм-бўш бандада эса на бурд қолади, на обрў...
Автоболага ўз портретини чиздиришни ният қилиб ўтирган Суперсур унинг дарсдан толиқиб чиққанини кўриб, бу ишни кейинроққа суришни маъқул топди.
 – Каллам қизиб кетди, – келибоқ ўзини каравотга ташлади Автобола. – Мени ухлатиб қўй, Суперсур. Озгина бўлсаям ухлаволай.
 – Сенга маза, пақирбош, – деди Суперсур, гердайганича келиб, унинг кўкрагидаги қопқоқ мурватини бураркан, – қизил тугмани босса – ўласан, яшилни босса –
тириласан. Агар мен бир ўлсам, акаси, тўқсон жойимни босганингдаям ҳатто қулоғим қимирлаб қўймайди.
У ичида яшил ва қизил тугмачаси бўлган қутича қопқоғини очиб, қизилини босди, Автобола шу заҳотиёқ уйқуга кетди. Суперсур пўлат қопқоқчани ёпиб, «эркатойим алла-ё, пақирбошим алла-ё», деб минғирлаганича ташқарига қараб йўналди.
 
Биринчи амалий машғулот
 
Девордаги осма соат тунги учга занг урган чоғда уйқу элита бошлаган қоровул чол сергакланиб кўзини очди. Унинг қовоқлари қўрғошин осилгандай оғирлашиб кетган, бошидаги сархушлик тарқамай, стулда тебраниб ўтирарди. Чол уйқусини қочириш учун термосдан пиёлага қайноқ чой қуяётган вақтда ўзи ўтирган хонанинг ёнгинасидаги ташқи эшикнинг қарсиллаб очилгани, ичкаридан солинган қулфнинг шарақлаб ерга тушгани эшитилди. Қоровул ҳушини йиғиштириб улгурмай, бошдан-оёқ темир ниқоб кийган ажинасифат бир махлуқ аланглаб хонага кирди. Махлуқнинг елкасида қийрихон қилиб осилган кўк бахмал халта бўлиб, халтанинг ўртасига қип-қизил хўрознинг сурати солинганди.
 – Дамингни чиқарма! – деворда осиғлиқ турган милтиққа қўл чўзганича қотиб қолган қоровулга яқинлашиб, бармоғини лабига босди Автобола. – Тш-ш-ш!!!
 – Ла илаҳа иллолло, – елкасини қуништириб калима келтира бошлади чол. – Оғзингга ошпичоқ, кўзингга қалампир... Куф-суф! Даф бўл!
 – Ошпичоғингданам қўрқмайман, қалампирингданам, – деди Автобола. Сўнг, бақувват панжалари билан чолнинг бўғзидан ушлаб, судрагудек ҳолатда уни коридорга олиб чиқди. Кўршапалак қоғозга чизиб кўрсатган йўлланма бўйича аниқ ҳаракат қилиб, коридорнинг ўнг тарафидаги бешинчи эшик қаршисига етганда таққа тўхтади.
 – Яхшиликча очиб бер, – «касаба уюшмаси» деган тахтача қоқилган эшикни кўрсатиб, чолга буюрди у.
 – Бу хонанинг калити эгасида, – қўрқувдан дир-дир титраб жавоб қилди чол. – Алдаётган бўлсам, устимда худо турибди.
Автобола қора тугмага ўхшаш кўзини ғилдиратганича тепага қаради, шипда ҳеч нарса кўринмагач, «ҳе ёлғончи», дея бармоғини сараклатиб, чолни тергаган бўлди. Кейин, тутқичдан ушлаб туриб, эшикни шунчаки силтаган эди, қулф турган жой ўпирилиб, атрофга пайраха сачради. У қоровулни ичкарига етаклаб кирди-да, хонанинг тўрисига олиб бориб, юзини деворга ўгириб қўйди. «Дамингни чиқарма», дея огоҳлантирди қайтадан.
Автобола хона бурчагида турган темир жавоннинг ёнига борди. Бу – деворлари орасига қум тўлатилмаган оддий сейфлардан эди. У эшикчага ўрнатилган қўшқулоқли бурамани иккала қўлида ушлаб туриб, шаҳд билан орқага айлантирди. Сейфнинг ичида аллақандай темирлар сочилиб кетгандек бўлди. Сўнг, бамайлихотир эшикчани очиб, хўроз гулли халтадан фонар чиқарди, сейфнинг ичини ёритди. Юқоридаги тахмонда сочилиб ётган, пасткисида эса бели боғланган ҳолда тахлаб қўйилган пуллар турарди.
«Мана, ўша ноёб қоғозлар! – севиниб ўйлади Автобола. – Кўршапалакнинг тили билан айтганда, «кўрдингки пул, дарровда юл!»
У халтачага даставвал сейфнинг устки тахмонидаги пулларни солди. Пастдаги тахмонда эса пул жуда кўп эди, халтага ярмидан озроғи сиғди холос.
Автобола бир дақиқа ўйланиб қолди. Кейин халтадаги пулларни яна жойига ағдариб, эшикчани беркитди-да, сейфни бироз ёнбошлатди, ўзи эгилганича унинг тагига кирди.
Полни синдиргудек оғир қадам товуши тобора узоқлашиб бораётганини сезиб турган қоровул қўрқа-писа бошини ортга ўгирган пайтда темир ажина ҳам, пахта тозалаш заводи касаба уюшмаси ихтиёридаги сейф ҳам хонадан ғойиб бўлганди.
«Ёпирай! – анқайиб қолди чол. – Сулаймон пайғамбарнинг деви тоғдан тушганга ўхшайди. Охир замон яқин шекилли...»
 
* * *

... Дераза ёнида тамаки бурқсатиб бедор ўтирган Кўршапалак каттакон сейфни орқалаб олганича чорбоққа яқинлашаётган Автоболани кўриб, капалаги учиб кетди. Сапчиб ўрнидан туриб, ташқарига чиққан вақтда Автобола аллақачон пиллапоядан кўтарила бошлаган эди.
 – Қаёққа ўрмалаяпсан, бефаросат? – нима қиларини билмай потирлаб қолган Кўршапалак, Автоболани бўралашга тушди. – Нега кўтариб келдинг бу дурандулетни? Мол экансан-ку!
 – Нима қил дейсан, эгрибурун? – сейф остидан ўқрайиб боқди Автобола.
 – Э-э... манави томонга юр, – Кўршапалак ниҳоят ўзини ўнглаб олиб, уни чорбоғ ортидаги хилват эшик тарафга етаклади.
Улар сейфни эшик ёнидаги омборга қўйишгач, бошлиқни бу ишдан тезроқ хабардор қилишга ошиққан Кўршапалак лапанглаб чиқиб кетди. Бироздан сўнг илондек вишиллаб яна қайтиб келди. Унинг кетидан Бекхўжа заргар ўтирган ғилдиракли креслони итарганича Суперсур кирди.
 – Пуллар халтага сиғмади, хўжайин, – сейфни бу ерга орқалаб келишга мажбур бўлганлигининг сабабини тушунтирди Автобола.
Бир неча минг кишилик завод ишчиларидан тушадиган бадаллар анча йирик бўлишини заргар илгаритдан чамалаб қўйганди-ю, лекин бу пулларнинг халтачага сиғмай
қоладиган даражада мўмай эканини тасаввур ҳам қилмаганди.
Бекхўжанинг бирдан кайфияти очилгани унинг йилтираётган кўзларидан яққол сезилиб турарди. Бу мамнунлик оёқлари остида салмоқдор ўлжа ётганидан эмас, балки Автобола топшириқни кутилганидан афзалроқ қилиб ўринлатгани туфайли эди.
 – Касбдошингга бунақа анграйиб қарама, Кўршапалак, – роҳиблардек тавозе билан сўзлади заргар. – Қани, даромадни бир ҳисоблаб кўр-чи.
Кўршапалак сейфни инқиллаганча зўрға энгаштириб, ичидаги нарсаларни ағдарди. Ерда бир уюм пул ва бир неча боғлам лотерея патталари қалашиб ётарди. Заргар Суперсурнинг ёрдамида бир боғлам лотерея паттасини қўлга олиб, Автоболага юзланди:
 – Манави нарса, азизгинам, оддий найрангда иштирок этувчиларга тарқатиладиган қадрсиз қоғоз. Адашмасам, мен сенга ҳақиқий пуллардан намуналар кўрсатган эдим. Дарсни яхши ўзлаштиролмабсан-ку.
 – Эгрибурун берган чироқ жудаям хира ёнаркан-да, – безрайганича айбни Кўршапалакка ағдарди Автобола. – Қоронғида булар ҳам пулга ўхшаб кўринди, хўжайин.
Буни эшитиб, Кўршапалакнинг фиғони фалакка чиқди.
 – Дурандулетнинг топган баҳонасини қаранг, – соғ кўзини олайтириб ўшқирди у. – Фонар хира ёнганмиш. Яхшиси, ўзинг биронта устахонага бориб, кўзингни тузаттириб кел.
Суперсур ҳам кечагина қарта ўйинида унга талайгина пул ютқазган жабрдийда Кўршапалакнинг ёнини олишга тиришиб, Автоболага бўйин чўзди:
 – Бу каллами ё мантиқозонми?
Заргар «бас» деган маънода шерикларига хўмрайиб қўйгач, Автоболага юзланиб сўради:
 – Ўйлайманки, қоровулни гумдон қилгандирсан?
 – Кучсизларни ўлдириш мардликка кирмайди, хўжайин, – дарс чоғида эшитган гапини «муаллим»нинг ўзига такрорлади Автобола. – Ё нотўғрими?
Бундан бир неча ҳафта илгари бу гапни Автоболага шахсан ўзи айтганини Бекхўжа ҳам эслади. Ўз фалсафасига ўзи қарши чиққудек бўлса, талабасининг ишончини бирмунча сўндириши мумкинлигини пайқаб, пича каловланиб қолди.
 – Умуман, сен ҳақсан, – оз-моз ён босган бўлди у. – Лекин, шуни унутмагинки, бугун сен ожизлиги учун сичқонни аясанг, эртага у хўроз гулли халтангни илма-тешик қилворади. Ожизлар икки хил бўлади, азизгинам. Тирикчилик жангида беаёв бўл, ғафлатда қолдирмасанг, ғафлатда қоласан.
Заргар сўзини тугатиб, хавотирли қиёфада сейфга тикилди. Давлат ҳисобида турувчи бу инвентарни чорбоғдаги омборда қолдириб бўлмасди. Лотереяларнинг ҳам баҳридан ўтган маъқул эди. У патталарни қайтадан сейфга солишни, сейфни эса икки чақирим наридаги кўлга чўктириб юборишни буюрди. Шўрлик Автобола ўзи кўтариб келган даҳмазани яна орқалашга мажбур бўлди.
 – Чўталнинг баракаси қочди-ку, – Автобола кетгач, ерда ётган бир тўп пулга нокаслик билан кўз қадади Суперсур. – Аслида, кассани урсаям бўларкан.
 – Кассада сигнализация бор, – деди заргар. – Қолаверса, ишчилар кеча маошларини олиб бўлишган. Менинг мақсадим отамдан қолган пахта заводидан улушимни тортволиш эмас, Автобола билан шунчаки амалий машғулот ўтказиш эди.
Бекхўжа заргар ўзининг тадбиркорлигидан фахрланиб, мағрур кўкрак кериб қўйди.
«Эҳ, Камол Камтарий, Камол Камтарий! – нимадандир ўчкор кимсаларга хос қиёфада юпқа, хушбичим лабини заҳарханда буриб, хаёлга чўмди у. – Бир пайтлар пулларимнинг қудратига шак келтириб, бир умрга татийдиган хатога йўл қўйдинг. Мен сени ўзинг учун азиз бўлган кўпгина нарсалардан бебаҳра қилдим, ҳар қадамда руҳан азоб бердим, ҳаёт дастурхонингдан лаззатни бирма-бир тортиб олдим. Сен танҳолик изтиробларидан қутулиш учун ўзингга темир овунчоқ ясадинг. Лекин, Автоболанг ҳали кўз очишга улгурмай, сени яна жудолик ботқоғига чўктирдим. Бундан бир неча йил аввал «истеъдодсиз ва маишатпараст», деб ўз ассистентингни вазифасидан четлатдинг, илмий ишини чиппакка чиқардинг. Худди ўша истеъдодсиз шогирдинг Автоболангни оёққа турғизиб берди, бизга унинг нозик сирларини ўргатди. Буларнинг ҳаммасини мен эмас, менинг пулларим қилди. Менинг кучим – менинг пулимда. Ўша пул ёрдамида, агар хоҳласам, сени ҳатто унвонларингдан ҳам бенасиб қилишим мумкин эди. Аммо, буни истамадим. Чунки, рақиб қанчалар номдор бўлса, у билан олишиш шунча гаштли. Мен қаршимда ожиз кимса эмас, балки бир вақтлар илм-у фаннинг қудратига астойдил сажда қилган, эндиликда ўша қудратни турли унвонлар воситасида ўзида мужассамлаштирган машҳур Камол Камтарий руҳан мурдага айланишидан завқланаман. Сен ҳозирча ўзингни тетик тутаётган бўлсанг-да, инграётганингни эшитиб турибман. Инграётган экансан, демак пулнинг билаклари кучлилик қиляпти. Ҳа, пул кучли!»

Олтин тузоқ ва микромаёқ
 
Майор Аҳмедов профессор билан кўришиб, ҳол-аҳвол сўраб бўлгач, диванга ўтирибоқ асосий гапга ўтди.
 – Нега келганлигимни айтмасам ҳам билиб тургандирсиз, – дея суҳбатдошига юзланди у. – Шаҳардаги шов-шувлардан ҳурматли профессор бехабар қолмагандирлар?
 – Хабарим бор, – аста бош қимирлатди Камол Камтарий. – Ҳамманинг оғзида – Автоўғри.
 – Тасодифан тирик қолган қоровул чол темир талончининг ишларини айтиб бераётганида Автоболанинг имкониятлари ҳақидаги сўзларингиз беихтиёр ёдимга тушди, – профессорнинг кўнглини авайлаб гапирди майор.
Камол Камтарий бу талончиликка гўё шахсан ўзи раҳбарлик қилгандек, гуноҳкорона бош эгди.
 – Ҳа, у менинг Автоболам, – деди чуқур ҳомуза тортиб. – Бошқа бирон-бир робот бундай пухтамон иш қилиши мумкин ҳам эмас.
Майор профессордан рухсат сўраб, сигарет тутатди. Ал-Хоразмийнинг девордаги суратига тикилганича сигаретни босиб-босиб тортди-да, суҳбатдошига қараб деди:
 – Ўша безори сизнинг Автоболангиз эканлигини бўйнингизга қўйиш учун келганим йўқ бу ерга. Сиздан ёрдам сўрамоқчиман.
Профессор майорнинг кўзларидан унинг фикрини уқиб олишга тиришиб, синчковлик билан разм солди.
 – Айтмоқчисизки... автобезорига қарши автоизқувар ясаб...
 – Йўқ, менимча бу ҳаддан ташқари кўп вақтни олади, – унинг гапини бўлди майор. – Менга... бизга микромаёқ керак.
 – Нима?
 – Оддий микромаёқ. У иложи борича кўзга ташланмайдиган, кейин магнитли бўлса девдим. Ана ундан сўнг «Олтин тузоқ» операциясини бошласак ҳам бўлаверади.
Майор ўйлаб топган бу тузоқ жуда жўн ва ишончли эди – шаҳарда қадимий ноёб олтин безаклар кўргазмасини ташкил этиш керак, деган қарорга келганди у. Бу улгуржи ўлжа Автоболани ўз чиғириғида ўйнатаётган тўданинг эътиборидан четда қолиши мумкин эмасди. Майорнинг режасига кўра, микромаёқ йирикроқ безаклардан бирига ёпиштириб қўйилар, сўнгра, бу чинқарча ускунадан тинимсиз келиб турадиган сигнал ёрдамида талончининг изига тушиш имкони туғиларди.
 – Умуман айтганда, анча қизиқ нарса ўйлаб топибсиз, – деди профессор. – Лекин микромаёқнинг нима кераги бор? Автоболани ўша кўргазманинг ўзида бемалол
тутиб олишингиз мумкин. Масалан, ўта мустаҳкам қафас ясаб...
 – Мана шу ерга келганда изқувар эмаслигингизни сездириб қўйдингиз, – сигарет кулини қоқаётиб гапни илиб кетди майор. – Қулфбузардан кўра, унга буйруқ бераётганлар мени... бизни кўпроқ қизиқтиради. Агар Автоболани қўлга олсак, ўз бошлиқларининг қаердалигини осонгина айтиб беради деб ўйлайсизми?
Автобола билан очиқчасига гаплашиш учун энг аввало унинг ишончини қозониш лозим эди. Акс ҳолда, уни ҳеч қандай куч билан ҳеч нарсага мажбур қилиб бўлмаслигини профессор яхши биларди. Унинг кўнглини топиш, тўғри йўлга солишга эса талай вақт керак бўлади. Лекин, майор учун ҳар бир дақиқа ғанимат, у асосий жиноятчиларни тезроқ қўлга тушириш ҳақида ўйлаяпти. Нега тезроқ? Агар шошилмаса, бутунлай кечикиши мумкин. Унинг иши шунақа.
Камол Камтарий андак сукут сақлаб тургач, ўз ўғлининг одобсизлигидан хижолатга тушган отадек ийманиб, майордан сўради:
 – Пахта заводидан қанча пул ўғирланибди ўзи?
 – Ҳозирча унча кўп эмас, – «ҳозирча» деган сўзга алоҳида урғу бериб гапирди майор. – Менимча, Автоболани шунчаки синаб кўришган бўлса керак.
 – Синаб кўришган?
 – Ҳа, бунга ишончим комил. Агар зудлик билан олди олинмаса, Автоболангиз... кечирасиз, ўша темир қароқчи ҳали ажабтовур кароматлар кўрсатиши мумкин... Хуллас, микромаёқ қанча тез битса, шунча яхши.
Диққати ошган профессор майор кетгандан кейин хонада уёқдан-буёққа тинимсиз айланиб юрди.
Бу қандай гап? Профессор Камол Камтарий нодир аппаратини энг покиза орзу-умидлар билан яратмаганмиди? Наҳотки, унинг темир боласи бугун бировларни муттаҳамларча талаётган бўлса?
Бугун талаяпти! Эртага қотиллик қилса-чи? Унда, кекса олим одамларга қайси юз билан қарайди? Мен буни истамагандим, уни бошқалар йўлдан уришди, дейиш билан ўзини оқлаши мумкинми?
«Ахир сен жуда ройишли эдинг-ку! – алам билан лаб тишлади профессор. – Ўша куни кўзларинг шунақаям самимий чақнаган эдики...»
Ўша кун профессорнинг сираям ёдидан чиқмайди. «Еттинчи сайёра» фирмасига олтин аккумулятор буюришдан олдин Автоболани ҳар эҳтимолга қарши синаб кўрмоқчи бўлди – унинг «томирлари»га ўн икки волтли электр токини юборди. Хона бурчагига суяб қўйилган, калласи қуйи солиниб, оёқ-қўли шалвираб турган Автобола аста-секин қаддини ростлади, бошини ўнгу сўлга буриб, хонадаги буюмларни, ал-Хоразмийнинг девордаги портретини диққат билан кўздан кечирди ва ниҳоят Камол Камтарийга тикилганича туриб қолди. Профессор унга жилмайиб боқаркан: «Хўш, аҳволлар қалай, Автобола?» дея унинг спиралсимон металлдан майин қилиб ясалган жингалак сочини силади, «бардам бўл, яна бир неча кун сабр қилишингга тўғри келади», деган мазмунда елкасига қоқиб қўйди.
Автоболанинг барча қисмлари бекаму кўст ишлаётганига ишонч ҳосил қилган профессор кучсизлантирилган электр токини узаркан, Автоболанинг қайтадан шалвираб қолганини кўриб, негадир кўнгли бузилди – ҳаётга илк марта назар ташлаш бахтига муяссар бўлган бегуноҳ гўдакни шу сониядаёқ бўғиб ўлдиргандек ҳис этди ўзини...
Камол Камтарий ҳозир ана шулар ҳақида ўйларкан, нигоҳида ғурур ва чексиз беғуборлик акс этиб турувчи Автоболанинг қиёфаси кўз ўнгида яна бир бор гавдаланди. Хонада уёқдан-буёққа юришдан тўхталиб, ҳозиргина дардчиллик ёғилиб турган нурсиз кўзларини қаттиқ юмганича, жойида қотиб қолди. Шу туришда ўзича маъюс шивирлади:
 – Сени нима қилиб қўйишди, болагинам!
 
Ўқ ўтмас талончи
 
Мамат-миллионер кимёгарлар шаҳарчасидаги дўконлардан пул солинган қопчиқларни йиғиштириб бўлиб, «Волга» машинасининг орқа ўриндиғига ястанганича шаҳар томонга йўл олди. Тўғрисини айтганда, у ҳеч қанақа миллионер эмасди, ўртамиёна маошини у ойдан бу ойга учма-уч етказар, тўққиз нафар боласини ясантиришдан орттириб, ўзи дурустроқ костюм ҳам сотиб ололмасди. Салкам ўттиз йилдан бери инкассатор бўлиб ишлаётгани, қўлидан кунига ўн минг сўмлаб пул ўтиб туриши туфайли улфатлари унга ана шундай дабдабали лақаб қўйишганди.
Кимёгар шаҳарча билан шаҳар оралиғидаги ўн беш километрлик масофада жизғанак даштлик ястаниб ётар, ҳозирда ям-яшил дарахтлар ва анвойи гулларга бурканган шаҳарчанинг ўрни бундан бир неча йил илгари худди мана шундай тап-тақир жой бўлганига кишининг ишонгиси келмасди.
Мамат-миллионер бу ёввойи манзарани, ким билади, нечанчи бор ҳис-ҳаяжонсиз томоша қилиб бораркан, бугун ўртанча қизининг туғилган куни эканлиги бирдан ёдига тушди. Қандай совға олгани маъқуллиги ҳақида ўйлаб, жағини силади. Лекин, ўйини охирига етказиш унга насиб қилмади – бир қўлини юқори кўтарганича йўл ёқасида гердайиб турган темир одамни кўриб, кўзлари олайиб кетди.
 – Тўхтама! – шофёрнинг елкасига нуқиб бақирди у. – Бу ўша! Автоўғри!
Шофёр кўпроқ газ бериб, машинасини ғувиллатганича йўлтўсарнинг ёнгинасидан ўтиб кетди.
 – Тезроқ ҳайда! – тўппончасини яланғочлаб, орқа ойнакка ўгирилиб олган Мамат-миллионер ҳайдовчини баттар қисташга тушди. – Автоўғри бизни қувиб келяпти!
Машина спидометри тобора юқори тезликни кўрсата бошлади: 100... 110... 120... 130...
–Янаям тезроқ! – чинқирди Мамат-миллионер.
Найзача соатига 140 километр тезликни кўрсатган вақтда шалдироқ машинанинг мотори инграганга ўхшаш товуш чиқариб, тунука деворлар зириллаб титрай бошлади. Бу энг охирги тезлик эди.
Уларга қалдирғочдек шитоб ила яқинлашиб келаётган Автобола охири машинага етиб олиб, жаҳд билан тунука томга муштлади. Томнинг лагандек жойи ичкарига ботиб кетди. Ўтакаси ёрилаёзган Мамат-миллионер иссиқ ҳавода ойнаси тушириб қўйилган орқа эшикнинг деразасидан темир қароқчига қарата кетма-кет ўқ узди. Автобола дераза гирдидан маҳкам ушлаб олганича машина билан ҳануз ёнма-ён чопиб бораркан, кўзларини лўқ қилиб, ичкари¬га мўралади.
 – Ҳей, тўнка! – деди у ўдағайловчи қиёфада. – Мен билан яна «уруш-уруш» ўйнайдиган бўлсанг, мўйловингни юлволаман.
Темир қароқчига ҳатто ўқ ҳам таъсир қилмаганини кўрган Мамат-миллионер ваҳимадан анграйганича қарши томондаги бурчакка қапишиб қолди. Автобола машинанинг олдинги деразасига ўтиб, бир қўли билан рулни чангаллади.
 – Тўхта! – бақириб буйруқ қилди у. – Тўхтамасанг, машинангни буриб юбораман. Ана унда, оёғинг осмондан бўлишини кўрасан.
Шофёр ноилож тормозни босди. Автобола эшикни очиб, қўрқувдан дағ-дағ титраётган шофёрни ташқарига суғуриб олгач, уни йўлнинг нариги четига коптокдек улоқтириб юборди-да, кела солиб яна Мамат-миллионерга хуруж қила бошлади.
 – Даромадни яхшиликча буёққа чўзиб қўй, – деди у орқа эшикни очиб, темир панжасини тажовузкорлик билан ичкарига узатаркан.
 – Жиннимисан?! – қопчиқларни кўксига босиб шанғиллади Мамат-миллионер. – Булар давлатни пули-ку, эси паст!
 – Кимникилиги билан нима ишим бор? – сурланиб жавоб қилди Автобола. – Пул давлатники бўлса, олмагин дейишмаган менга. Қани, чўз даромадни.
Мамат-миллионер ҳам бўш келмади.
 – Бунинг жавобгарлиги катта, ҳў, бола, – бармоғини бигиз қилиб, юқорини кўрсатди у. – Ўзбекистон жиноят кодексини ўқиганмисан ўзинг? Бунақа қаллоблик учун сени темир-терсакка топширишади, ҳов!
 – Калламни кўп қиздирма, – Автобола ичкарига бош суқиб, қопчиқлардаги пулларни хашак йиғаётгандек ғижимлаб-ғижимлаб, хўроз гулли халтачасига тиқа бошлади.
 – Тўхта деганда тўхтамаганинг учун иккалангниям чалпак қилиб ташласам бўларди-ю, кучсизларни ўлдириш мардликка кирмайди-да.
У йиғма занжирни тортиб халтачанинг оғзини беркитгач, орқага тисариларкан, бармоғини лабига босиб хўмрайганича деди:
 – Дамингни чиқарма! Тш-ш-ш!
Мамат-миллионер эс-ҳушини йиғиб олиб, қўрқа-писа ортга ўгирилган дамда, кўк халтали темир қароқчи даштни чангитганича «реактив тезлик»да улардан узоқлашиб бораётганди.
Бу воқеадан кейин Автоўғри ҳақидаги мишмишлар шаҳарда янаям авж олди. Кишилар ҳар жой-ҳар жойда тўпланишиб, ўзаро гап талашишар, улар ўртасидаги баҳс гоҳо соатлаб давом этарди:
 – «Волга»ни қувиб етибди-я...
– Бир масъул ўртоқдан эшитдим – соатига беш юз босармиш хумпар...
 – Банкнинг мошинасини шилганидан кейин... Бўлганича бўпқолгандир, а?
 – Буни қарангки, варанглатиб пешанасидан отишса, пинагиниям бузиб қўймабди...
 – Нима бўлгандаям, ушлаш керак ўша ўғриваччани...
 – Буни энди ўзинг бопларсан, ошна. Яқин орада «ассалому алайкум» деб деразангдан кириб қолса, қўлдан чиқармайсан-да. Вах-хах-ха, вах-хах-ха...
 
Пуфак момо
 
Холдор ўзининг ёшига номуносиб равишда ўта қўрс ва тажанг эди. У чуқур ботган кўзларини чақчайтирганича кишига зимдан хўмрайиб боқар, хиёл дўрдоқ лабларини аразгўйлик билан чўччайтириб гапирар, аччиғи келганда чўзиқ қошлари бурни устида туташиб, дўнг пешанаси хамиртурушдек тиришиб кетарди. Ундаги бу қадар жиззакилик сабабини фақат арзандалик, ҳаддан зиёд эрка-тантиқлик, атрофидаги шахсларнинг бадфеъллигидан излаш нотўғри бўларди. Ташқи муҳит билан деярли алоқада бўлмаслик, ҳаракат доирасининг торлиги, тенгдошлари билан қувнаб, дил ғашликларини дала-даштга сочиб келиш имконидан маҳрумлик; она меҳрига, табиат оғушига, эрк ва поёнсизликка бўлган инстинктив ташналик унинг мурғак асабига ўз таъсирини ўтказмай қолмаганди.
Суперсур ўзининг шалоғи чиққан «Запорожец»ида (Холдор уни «қўнғиз мошина» дерди) баъзан ота-болани сайр қилдириб келиши ҳисобга олинмаса, у айтарли кўча юзини кўрмай катта бўлди. Фақат, дадаси темир ўртоқ олиб бергандан кейингина (ҳа, Холдор Автоболага дадаси томонидан атайлаб унинг учун сотиб олинган овунчоқ сифатида қарарди), кунлари анча қувноқ кеча бошлади. Бундақанги ажойиб ошна билан ўйнаб, ким ҳам зерикарди дейсиз?
Чорбоғ этагидаги омборхона ёнида Автоболани тойчоқдек миниб юрган Холдор равотга туташ қурилган шийпон остида Суперсур машинасини кавлаштираётганини кўриб, дили равшан тортди. «Тойчоқдан» сакраб тушиб, шийпонга кирди.
 – Ҳей, Супер, яна шаҳарга оборасанми бизни? – иккала қўлини биқинига тираб туриб сўради у.
Моторга ёнилғи етиб келмаётганининг сабабини аниқлолмай хуноби ошиб турган Суперсур Холдорга ўқрайганича бир қараб қўйди-ю, индамай ишини давом эттираверди. Яна пича уймалангач, қўлидаги омбирни жаҳл билан ерга улоқтириб, шийпон четидаги супачага бориб ўтирди, мойга беланган қўлларини иркит латтага шошилмасдан арта бошлади.
Холдор такаббур Суперсурнинг аҳволи танглигини кўриб, «баттар бўл», дея ўйлади ич-ичидан қувониб. Кекса овсар билан ўчакишишдан завқ олиб ўрганган қув болакай унинг ярасига туз сепиш учун атайлаб ҳақоратомуз оҳангда гап қотди:
 – Янги мошина олсанг ўласанми, кал?
Лекин Холдор бу сафар ноумид қолди. Суперсур ўз одатига кўра тутоқиб бўралаш ўрнига унга қия боқиб, майна қилаётгандек, ясама тиржайиш билан минғирлади:
 – Шу ақлни дадаларига ўргатсалар қалай бўларкин?
 – Ўзингдаям мана шунча тил бор, – дея қулочини ёзиб кўрсатди Холдор, – бориб айтавер-да.
 – Айтиб кўрганмиз, – сийрак тишлари орасидан “чирк” этказиб тупуриб қўйди Суперсур. – Хўш, хўжайин нима деб жавоб қилганини биладиларми?
Холдорнинг индамай турганини кўрган Автобола, шоша-пиша гап қистирди.
 – Эзмалик қиляпсан, Суперсур. Хўжайин сенга нима деганини Холдор қаёқдан билади?
 – У киши, – гап худо ҳақда кетаётгандек, иккала қўли билан осмонга ишора қилди Суперсур, – мол-дунёнг қанчалик кўпайса, шунча серямоқроқ иштон кий, дедилар.
 – Қанақа... иштон? – серрайганича сўради Холдор.
Суперсур индамай ўрнидан қўзғалиб, аллақандай қўшиқни хиргойи қилганича ҳовли тарафга кета бошлади.
 – Тамом! – деди Автобола унинг ортидан синчков боқиб. – Супер тамом бўпти. Мияси бузилганга ўхшайди. Сен мошинадан гапирсанг, у иштондан келяпти.
Кейин, Суперсурнинг йўқлигидан фойдаланиб, иккаласи машинани ўйнашга тушди. Холдор рулга ўтирди, Автобола унинг ёнидаги ўриндиққа чўкди. Холдор рулни уёқдан-буёққа айлантириб, «др-р, др-р», дея оғзидан тинимсиз тупук сачратар, Автобола эса ора-сира «бип-бибип», деб товуш чиқариб қўярди.
 – Мошина тузалса, сениям ўйнатгани оборайликми? – рулни алғов-далғов бурашда давом этиб сўради Холдор. – Ўзи кичкина бўлсаям, жуда тез юради бу.
 – Барибир, мендан ўтолмайди, – мақтанди Автобола.
Темир ўртоғининг беқиёс даражада чопқирлигидан ҳануз бехабар юрган Холдор унга кўзини олайтириб боқди.
 – Жиннимисан ўзинг? Буни қўнғиз мошина деб қўйибди!
 – Мен билан ҳазиллашма, – қизишди Автобола. – Ҳаккалаб юрганимдаям, бундақа қўнғизларингдан ўтиб кетаман, билдингми!
 – Ўтасан-а, ўтасан!
 – Ке, гаров ўйнаймиз, – баттар аччиғланди Автобола.
 – Бўпти. Нимадан ўйнаймиз?
 – Тўппончангдан. Мен ютқазсам, фонаримни бераман.
Улар машинадан тушишгач, Автобола дарвозанинг оғир темир тамбасини осонгина четга олиб, Холдорни ташқарига етаклади. Иккаласи чорбоғнинг орқа томонидаги чакалакзордан ўтишиб, адир этагига чиқиб боришди.
Кўпдан бери унинг ҳавасини келтириб юрган тўппонча ниҳоят бутунлай ўзиники бўлишига шу топда заррача шубҳа қилмаётган Автобола «қани, елкамга мин-чи», дея ерга чўнқайган пайтда, Холдор қаршисида бирдан намоён бўлган чексизликка суқ билан боққан куйи карахтланиб қолганди. У умрида биринчи марта бугун ўз ихтиёри билан чорбоғдан ташқарига чиққанди ва оёқлари остидаги бўрсиқ тупроққа, ана шу тупроққа жон-жаҳди билан ёпишганича тинимсиз титраётган қовжироқ гиёҳларга, бу гиёҳларнинг заъфаронлигидан мотамсаро тус олган қат-қат ўркачларга, ўркачлар узра омонатгина ҳилвираб турган оппоқ булутларга ҳам эндиликда ўз ихтиёри – эркин нигоҳи билан тикилаётган эди.
 – Тезроқ бўлсанг-чи, ҳей! – Холдорни қисташга тушди Автобола. – Мин деяпман сенга!
Холдор ҳушини тўплаб, темир ўртоғининг елкасига тирмашди. Автобола ўрнидан туриб, яхшироқ ўрнашдими, йўқми, билиб олмоқчидек, уни бир-икки силкиб кўрди.
 – Тўппончангдан умидингни узавер энди!
У шундай деди-ю, адир ўркачлари орасига яшил камардек сингиб кетган сой томонга қараб чопди.
 – Қалай, аккумуляторинг пўкилламаяптими? – Автобола йўл-йўлакай калласини салгина ёнга буриб савол берди.
 – Шуям югуришми? – унинг қитиқ патига тегди Холдор. – Жа борса, итчалик чопаркансан-да.
Автобола, «унақа бўлса, бўйнимдан маҳкамроқ қучоқла», деб қичқирди-ю, тезликни тобора ошира бошлади. Аввалига бундан Холдорнинг завқи ошиб, «чу, тойчоғим», дея сони билан унинг биқинига ниқтади. Кейин сой ёқасидаги сарв ва қирчинларнинг кўз олдидан борган сари шувалашиб ўтаётганидан боши айланиб, юрагига ваҳима тушди. Охири Автоболанинг бўйнига ўргимчакдек ёпишиб олиб: «Тўхта энди! Бўлди деяпман-ку!» деб бақиришга тутинди.
Автобола секинлай борди, ниҳоят соҳилдаги шағални тўзғитгудек бўлиб таққа тўхтади. Холдор унинг орқасидан сирғалиб пастга тушгач, худди ўзи югургандек ҳансираб, ерга ўтирди.
 – Тузук чопаркансан, Темиртак, – сир бой бермасдан, парвосиз боқиб гапирди Холдор. – Ке, энди дамингни ол.
Холдорнинг унга чин юракдан қойил қолмаганини сезиб, Автоболанинг ғаши келди.
«Бу ғирромчи билан иш битириш қийин, – ўйлади у. – Билиб турибман, қўнғиз мошина сендан тезроқ юради, деб туриб олади ҳали. Фонаримни олиб бўпсан!»
 – Чарчаганим йўқ, – зарда билан жавоб қилди у. – Хоҳласам, бунданам узоққа, бунданам тезроқ югураман. Нима деб ўйлаяпсан мени!
 – Мақтанма.
 – Ғирромчи! Сурбет! – жазаваси тутди Автоболанинг. – «Бўлди энди, тўхтайқол», деб ялинган ким? Дурустроқ югуришга қўймадинг-ку ўзинг.
Холдорнинг яна қувлиги қўзиди.
 – Шунақами ҳали? Унда, ҳў анави охирги дўнгликка тўхтамасдан бориб кел-чи, – қўли билан энг юксак ўркачни кўрсатди у.
Автобола бу гапдан асло талвасага тушмади.
 – Нима қипти? Зув этиб бораман, зув этиб келаман. Кейин, тўппончангни берасанми ахир?
 – Ҳа, майли...
Аччиғи чиқиб турган Автобола ғилдираги ариқчага тушган машинадек ортга шағал сачратиб, шиддат билан ўрнидан қўзғалди, унинг оёқ ҳаракати амалдаги тезлик билан мутаносиблашиб олгунга қадарлик бўлган масофада омоч изини эслатувчи чуқурча ҳосил бўлди. Темир болакай овчи ўқига чап берган оҳудек жадал узоқлашиб борар, ўркачлар тўлқини орасида гоҳ кўздан йўқолиб, гоҳ яна юқорига балқиб чиқар, зум ўтмаёқ унинг энг юк¬сак дўнглик устида пайдо бўлишига шак келтириб ўтиришнинг ҳожати қолмаганди.
«Тўппончаям қулоғини ушлаб кетди, – Автобола билан бемаврид гаров ўйнаганидан афсусланиб, бош қашлади Холдор. – Каттароқ нарсадан баҳс бойласанг, оймомогаям чиқиб келади шекилли бу Темиртак».
Хаёли банд бўлиб, сойнинг муюлиш жойида тошлар шалдирай бошлаганини ҳам эшитмай турган Холдор: «Бу ерда нима қиляпсан, ўй, бачо? Кимсан ўзинг?» деган товуш қулоғига чалингандан кейингина, ёнга ўгирилди. Хуржун ташланган эшак устида тўлпоққина қизчани олдига мингаштириб олган қорача кампир ялпайиб ўтирар, унинг бўртиб чиққан ола кўзлари худди ниқоб тешигидан боқаётгандек алоҳида йилтиллаб турарди. Эшак ҳам, эшакнинг орқа оёқлари ёнидан Холдорга тажовузкор кўз тиккан тумшуқдор кўппак ҳам қозонкуядек қоп-қора эди.
 – Мен билан нима ишингиз бор? – кампирнинг бу ердан тезроқ жилишини истаб, совуққина жавоб қилди Холдор. Кейин унинг ҳаливери жойидан жилиш нияти йўқлигини пайқаб, қўшиб қўйди. – Ўзингиз кимсиз?
 – Ана халос-о-с! – тиззасига шапиллатиб урди кампир. – Ўй, бачо, сан ўзимизни мамлакатданме, ё Фарангистондин келдингму? Шу депарадаги бандайи бежаноза борки, эшагимни ҳанграшийдин танийду мани. Пуфак мамо деган доно кампирни эшитган бўлсанг, анқаюб армонда қолмагинки, шундоқ нишонингда турибман. Яхшилаб салом бер манга.
 – Салом... пуфак кампир.
 – Ўй, бачо, сан ўйламагин бу мамоне семизлиги тупайлин «пуфак» дейдилар деб, – куюнди кампир. Сўнг қучоғидаги қизчага ишора қилиб, давом этди. – Мана шундоқ гўдак эдим ман, болаларга пуфак сотишне бошлаганимда.
 – Пуфак дейсизми? – бир куни навбатдаги сайрга чиқишганда Суперсур унга шаҳарда ранг-баранг пуфаклар олиб берганини эслаб, кампирга умидвор термилди Холдор. –
Менгаям берасизми?
Пуфак момо кўрсаткич бармоғини бошмалдоғига ишқаб, пишиллаганича деди:
 – Аввал ҳаққине чўз, ўргулай. Ахир чўнтагингда бир-иккита танга тургандирки, мандан пуфак сўраб йўлимга кўндаланг бўлдинг.
Холдор даставвал кўйлагининг кўкрак чўнтагига, сўнг бахмал шимчасининг киссаларига беихтиёр қўл тиқиб кўрди-ю, бирдан бўшашиб, кампирга яна мўлтиллаб қаради. Пуфак момо эса умрида ҳатто игнаниям бировга насия бермаганди. Шу туфайли, болакайда сариқ чақа ҳам йўқлигини аллақачон англаган бўлса-да, ундан бирон нарса ундиришдан ҳамон умидини узмай сўради:
 – Ҳеч бўлмаса, шиша-пишанг йўқме? Ичмайдиму даданг баттол? Ман хасис эмасман, локигин...
«Шиғ-ғ-ғ» этган ғайритабиий товушни эшитиб, Пуфак момонинг сўзи бўғзида қолди, бағбақасини елкасига тираганича ўнг ёнбошига ўгирилди. Адирни чангитиб маррадан қайтиб келаётган Автобола тарафга қўлини пешанасига соябон қилиб астойдил зеҳн солди.
 – Буёққа нима тўпалон, ўй, бачо? – мазангча шевада ҳайрат изҳор қилди у. – Манга мўлжал тортиб келатургонинг пойгачи матасепкилме, эшагимдан ҳид олган мўчахарме?
 – Қўрқманг, – гарчи кампир шу чоғда ўзини вазмин тутишга тиришаётган бўлса-да, ҳали замон ваҳимага тушиши мумкинлигини ҳис қилиб, олдиндан унга далда берди Холдор. – Ўзимни ўртоғим у.
Уларга дақиқа сайин яқинлашиб келаётган Автоболанинг ҳайратомуз турқи-таровати аниқ кўзга чалина бошлагач, Пуфак момонинг бирдан энсаси қотди. Аллақандай ярқироқ нарса қаршисига келиб, тўс-тўполон билан тўхтаган маҳалда васвасага тушган эшак шаталоқ отиб ирғишлай кетди. Оғушидаги қизчани маҳкам қучганича шағал устига гупиллаб йиқилган Пуфак момо жони бежо эшакнинг юганини ҳануз қўйиб юбормай, ўз тилида алланималар деб қарғанар, капалаги учган қизча потирлаб йиғлар, қари кўппак эса тишларини гирак қилиб, тинмай ирилларди.
 – Ол, Қораялоқ! Ус-с... – кўппакка қараб қичқирди Пуфак момо. – Ол-а киш-киш!
Қанчадан-қанча калтак ва сийловларни бошдан кечирган, гоҳида қаттиққўл, гоҳида сахий бекасининг барча амр-у фармонларини сўзсиз бажариб ўрганган тамагир ит бу сафар ҳам ўйланиб ўтирмай ўзини рақибга отди, лекин Автобола унинг зарбасидан ҳатто чайқалиб ҳам қўймади. Бундан жаҳли чиққан Қораялоқ рақибининг тўпиғидан тиззасигача астойдил ғажиб кўрди.
Қоқилган қозиқдек ҳамон қимир этмай турган Автобола кўппакнинг хуружини ҳайрон бўлиб кузатар, «бу нима қиляпти ўзи», дегандек, Холдорга савол назари билан қараб-қараб қўярди.
Қаттиқ терили нотаниш мавжудотнинг қуйи қисми билан бўлган жангда иши ўнгидан келмаган Қораялоқ ниҳоят ҳужум услубини ўзгартиришга қарор қилди: ўзини чекинаётгандек кўрсатиб бироз орқага тисарилди-да, кутилмаганда бор басти билан рақибининг бўғзига сапчиди. Кўппакни ҳаводаёқ илиб олган Автобола қўғирчоқни томоша қилаётгандек, унинг уёқ-буёғини ағдариб кўрди, бир қўли билан оғзини кериб, тиш, тил ва танглайларини қизиқиб кўздан кечирди, охири думидан ушлаб туриб, авайлабгина четга улоқтирди. Итнинг ғингшиганича учиб бориб, ерга муваффақиятсиз қўнганидан саросимага тушган эшак бир силтанишда жиловини эгасининг қўлидан юлқиб олди-ю, сира иккиланмай, ўзини сойга ташлади.
 – Худо урди маний! – қўлларини иккала сонига тўхтовсиз шапиллатиб, айюҳаннос солди Пуфак момо. – Эшагим оқде! Хонимоним хуржунда кетду-у!
Қизча ҳам кампирга қўшилиб, баттардан чинқиришга тушди.
 – Мунча додлайсиз? – кампирга дўқ урди Автобола. – Тутиб келайми эшакни? Шаллақиликни тўхтатинг!
 – Ё холиқ! – ёқа ушлаб, Холдорга юзланди Пуфак момо. – Бунингний қўл-оёқлик печка десам, мани одамдай ҳақорат қилди, – Сўнг Автоболанинг пойига йиқилгудек бўлиб, ялина кетди. – Ўргулиб кетойин сандан, Чўян палвон, қўлингдан келса, хуржунимни тутиб кел. Мандек донога вафо қилмаган аҳмоқ хангиваччаний бошшимга ураманме?
 – Бўпти. Аммо-лекин, энди бақирилмасин.
Автобола дангал бориб, сойга калла ташлади. Темир ўртоғининг шу шўнғиганича бедарак кетганидан юраги безовта тепа бошлаган Холдор кампирга ғазабнок юзланиб, қичқирди:
 – Эшагингдан ўргилдим! Темиртакни чўктирдинг-ку, ялмоғиз! Каллангни узволаман ҳозир!
Агар Холдор каттароқ ёшда бўлганида, илгарилари унга темир овунчоқ бўлиб туюлган Автобола аста-секин жонажон дўстига айланиб қолганини, энди унинг мусаффо қувончи-ю, безарар инжиқликларисиз яшаш деярли мумкин эмаслигини ушбу дамда бутун онг ва вужуди билан англаб етган бўларди. Кўзларидан дафъатан тирқираб чиққан ёш унинг кўнглидаги ана шу кечинмаларни ҳеч бир изоҳсиз баён қилаётган эди.
 – Ўй, бачо, манда айб йўқ, – кенг енгларини байроқдек ҳилпиратиб, қўлларини ёйди Пуфак момо. – Ўртоғинг жинни бўлганме? Ўзи чўян бўлса, ҳа энди, чўмилишни ким қўйибде... мана шундоқ сойда. – У қўлини шоп қилиб, гувлаб оқаётган сойни кўрсатди-ю, бирдан қувонч билан қийқириб юборди. – Қара! Ҳу ана, Чўян палвонне боши кўринду. Чўкмабде ер ютгур.
Холдор шоша-пиша кўзёшини артиб, кампир кўрсатган ёққа қараган паллада, тинмай типирчилаётган Автобола асов тўлқинлар бешигида липанглаганича оқиб бораётганди.
 – Қирғоққа қараб суз, Темиртак! Нима қиласан ўша эшакни?
Соҳил бўйлаб беихтиёр югура бошлаган Холдор ҳали гапини тамом қилмай туриб, ўртоғи оқиб бораётган жойда сув тўзони пайдо бўлди. Холдорнинг юраги ҳаприқиб, анграйганича тўхталиб қолган чоғда қўл-оёқларини жон-жаҳди билан ишга солган Автобола тўзон ичидан торпедадек отилиб чиқди-ю, тўлқинларни бирин-кетин ёриб ўтиб, ақл бовар қилмайдиган шиддат билан олға сузиб кетди.
Бир қарашда нўноққина кўринувчи Автоболанинг ўта универсал қилиб яратилганини, жумладан танаси соф пўлатданлигига қарамай, ички қисми ғоваклиги боис қўл-оёқларнинг енгил ҳаракати билан ҳам сув сатҳида ўзини бемалол ушлаб тура олиши мумкинлигини Холдор ҳали билмасди. Сирасини айтганда, бу шоввоз робот ҳатто унинг имкониятлари билан яқиндан таниш бўлган кишиларнинг етти ухлаб тушига кирмаган мўъжизалар кўрсатишга ҳам қодир эди.
Темир ўртоғи сузиб кетган томонга бўйлаганича анграйиб турган Холдорнинг ёнига қизчани етаклаб етиб келган Пуфак момо ҳозир ваъз айтаман деб огоҳлантираётгандек, маънодор томоқ қирди.
 – Ерда матасепкилдай чопду, сувда қиличбалиқдай кетду баттол, – яна жаврашга тушди у. Сўнг қаддини эгиб, Холдорга шивирлади. – Мани айтди дерсан, бу ўртоғингне шайтон билан алоқаси бор.
Холдор аста ёнга бурилиб, ҳамон пиқиллаб йиғлаётган қизчанинг паҳмоқ сочини қўполгина силади.
 – Йиғлама, ўртоғим эшагингни ушлаб келади, – дея овунтирган бўлди уни. – Отинг нима?
 – Чилдилағ, – ҳиқиллаб жавоб қилди қизча.
 – Ғилдирак?
 – Шилдироқ! – ўпкаланган қиёфада гапга аралашди Пуфак момо. – Одамзотне ғилдирак дейдиларму ҳеч жаҳонда? Биби Шилдироқ бу.
 – Вих-хах-ха! Вих-хах-ха! – яна шумлиги тутиб, кула кетди Холдор. – Ким бунақа от қўйди унга? Биби Шилдироқмиш. Вих-хах-ха!
 – Ўй, бачо, мазахлама мани набирамне, – одатига кўра қўлини шоп қилди кампир. – Бу отний санга ўхшаган безорилар қўйган. Ман болалар тўплансун деб чирманда уриб ашула айтаман, набирам шилдироқни чалиб тураду. Ўзиний оти Тожихон. Ана, қулоқчасини нарёғида қизил нарсасе бор.
Холдор қизчанинг бошини буриб, қулоғининг орқасида қип-қизил доғ турганини кўрди.
 – Адаш эканмиз-ку, – негадир севиниб кетди Холдор ва кўйлагининг тугмасини ечиб, елкасини кўрсатди.
 – Мана, мендаям хол бор. Шунга отимни Холдор қўйишган.
 – Ундай бўлса, набирамне қулоғини тишла, – кўзларини бақрайтириб илжайди Пуфак момо. – Шу қиз катта бўлсун, кейин уни санга беройин.
Бу гапни эшитиб, Холдорнинг қизчадан аста чекинганини кўрган Пуфак момо чапак чалиб кула кетди.
 – Куёв қочде! Куёв қочде! Қўрқоқ чиқди куёв поччамез!
Холдорни шу вақтгача ҳеч ким бунчалик беаёв масхара қилишга ботинмаганди. Унинг қовоқ-лунжи осилиб, Пуфак момони иккинчи марта сенсираганича жеркиб берди.
 – Ҳей, Пуфак кампир! Сенга эрмак бўпманми? Каллангни узволмайин тағин.
Узоқдан эшакнинг ҳанграган товуши эшитилиб, эндигина бошланаётган янги нифоқнинг авж олишига чек қўйди. Елкасига хуржун ташлаб олган Автобола ниҳоят тақдирга тан бергандек, энди итоатгўйлик билан одимлаётган эшакни етаклаганича улар томон одимлаб келаётганди. Учаласи беихтиёр унинг истиқболига юришди.
 – Ўргулиб кетойин сандан, Чўян палвоним, – узоқдан қулоч ёйиб, тинмай жавраб борарди Пуфак момо. – Сани сувда учиргон парракларингдин айлонайин.
Автоболанинг ёнига етиб боргач, унинг бўйнидан қучиб, ялтироқ бетидан қайта-қайта ўпа кетди.
 – Ана шу эшакне калласидай тилло беришсин-чи, ман барибир уйда ўтирмайман, – гоҳ Автоболага, гоҳ Холдорга қараб, тушунтиришга тушди у. – Ман эркинман, қаёқни ўйласам, шуёққа жўнайман. Энди айтгин, эшакдин айрилсам агар, бошшимга қаро кун тушмайдиму? Эшагим бўлсин-у, хуржуним бўлмасин, оч қолмайманму ман баттол?
Бироздан кейин устига ҳўл хуржун, зилдай кампир ва унинг тўлпоқ набирасини ортиб олган қора эшак «хр-р, хр-р!», деб қўйиб, ҳозирча фақат хўжайинига маълум бўлган манзил сари қўзғалди.
 – Беҳ, итвачча, беҳ! – зада еганидан буён одамларга яқинлашолмай, нарида ивирсиб юрган кўппакка товуш қилди Пуфак момо. Йўл-йўлакай ортга ўгирилиб, икки
ўртоққа қувноқ кўз қисди. – Қораялоқне юзи шувит. Энди мани кўзимга қаролмайду.
Холдор эрксевар кампирнинг ортидан анча вақт паришон термилиб турди. Азбаройи уйга қайтишга оёғи тортмаётганидан Автоболанинг, «ке, орқамга чиқ, тезроқ бормасак, Супердан балога қоламиз», деган гапини ҳам эшитмаганга олди.
 – Мунча тумтаясан? – унинг бу ҳолатини навбатдаги муттаҳамликка йўйиб, пўнғиллади Автобола. – Тўппончани бергинг келмаяптими дейман? Биламан-да сен ғирромчини.
Йўқ, шу топда Холдорга тўппонча ҳам, ундан ноёброқ буюмлар ҳам, ҳатто зеб-зийнатга лиқ тўла ўша ҳашамдор уй ҳам керак эмасди. У анави пахмоқсоч қизалоқдек, Пуфак момонинг қучоғига ўтириб олиб, қай томон бўлишидан қатъий назар, узоқ-узоқларга кетишни орзу қилаётганди.

Суперсурнинг сири
 
Автобола хаёлидаги нотаниш кишининг суратини чизиб бўлиб, унга узоқ тикилиб турди, лекин бу одамни қачон, қаерда кўрганлигини аниқ эслай олмади. «Хўш, аҳволлар қалай, Автобола?» деган мулойим товуш унинг қулоқлари остида такрор ва такрор янгради.
 – Нималарни чиздинг, Темиртак? – Холдор кела солиб расм дафтарни Автоболанинг қўлидан юлқиб олди. Юлқиб олди-ю, бирдан жиддийлашиб, негадир у ҳам самимий жилмайиб турган оқсоч кишининг суратидан нигоҳ узолмай қолди.
 – Бу одамни кўрганга ўхшаяпман. Ким ўзи? – сўради у беихтиёр ювош тортиб.
 – Билмадим, – деди Автобола. – Менам уни кўргандайман-у...
 – Дадамдан балдоқ-малдоқ олгани келганлардан биттасидир-да.
Автобола темир калласини аста сараклатиб деди:
 – Йўқ, мен у билан бошқа жойда кўришгандайман. Деворда серсоқол одамнинг суратиям бор эди. Бу оқсоч киши менга ҳатто гапирган. Ҳаммаси аниқ эсимда турибди.
Холдор ўсиқ киприкларини пирпиратиб суратга қайтадан разм соларкан, дилида ана шу оқсоч кимсага нисбатан меҳр уйғонгандек бўлди.
 – Бир бўлса, менгаям гапирган, – деди у ўйчанлик билан. – Тағин, одамнинг тушида гаплашадиган сеҳргар бўлмасин?
 – Туш? Нима у?
Шу пайт хонага лўкиллаганича Суперсур кириб келди.
 – Ухлаш керак, қашқирваччалар, – ғингшиди у. Сўнг Холдорга қараб деди. – Пақирбошни уйқуга ётқизиб, ўзинг ҳам хонангга пистирма қўй.
Ташқи эшикнинг қўнғироғи жиринглаб қолди-ю, у яна изига қайтди. Бироздан кейин Кўршапалак иккаласи ўзаро ғудурлашганича заргарнинг ишхонаси томонга ўтиб кетишди.
 – Ўзиям уйқум кеп қолувди, – расм дафтарни ёпиб эснади Холдор. – Қани, каравотингга чўзил-чи, Темиртак, олдин сени ухлатайин бўлмаса.
Автобола имиллаб одимлаганича бориб, дераза ёнидаги махсус мустаҳкамланган пўлат каравотига ётди. Холдор унинг устига келиб, чап кўкрак чўнтакка ўхшатиб ясалган қопқоқни бамайлихотир оча бошлади. Қопқоқни очиб, қизил тугмачани босмоқчи бўлиб турганда Автобола унинг қўлини беозоргина нари итарди.
 – Сен кириб ухлайвер, тугмани ўзим ҳам босиб қўявераман, – дея аста дўриллади у. – Озгина ётай-чи, яхшироқ ўйласам, ҳалиги оқсоч кишини қаерда кўрганим балки эсимга тушар.
 – Тугмачани-ку босасан, аммо-лекин қопқоқни қайтиб ёполмай қоласан-да, – Автоболанинг пешанасига дангиллатиб чертди Холдор. – Эҳтиёт бўл, тағин ичингга сичқонлар тўлволмасин.
Холдор ўз хонасига кириб кетгач (дадаси унинг Автобола билан бир хонада ухлашига негадир рухсат бермасди), Автобола юзини дераза тарафга ўгириб ёнбош ётиб олди-да, яна оқсоч киши ҳақида ўйлай бошлади. Унинг кўз ўнгида ўша манзара қайта гавдаланди: мўжазгина хона... истараси иссиқ оқсоч киши меҳрибон жилмайганича унга тикилиб турибди... Кейин у: «Хўш, аҳволлар қалай, Автобола?» дея унинг бошини силади, елкасига бир уриб қўйди... деворда эса серсоқол одамнинг сурати... Ҳа, каттакон сурат... Рангли сурат...
Буларнинг бари, чамаси, жуда қисқа вақт ичида рўй берди, шундай бўлганига унинг ишончи комил. Фақат, давомини эслолмаяпти...
У қайтадан кўз очганда, ўзини заргарнинг чорбоғидаги тамоман бошқача муҳитда кўриб, пича ҳайратлангани ҳам ёдида. Ўша оқсоч киши ким эди? Ҳозир қаерда бўлиши мумкин?
Ғийқиллаб эшик очилди-ю, Автоболанинг хаёли бўлинди. Нима ҳақдадир баҳслашганларича хонага Суперсур билан Кўршапалак кириб келди, Автобола қизил тугмачани босишга ҳам улгурмай қолди. «Оббо, уйғоқлигимни билса, яна оғзидан боди кириб, шоди чиқади», дея ўйлади у ва Суперсурнинг, «аппаратинг ҳалиям ишлаяптими, пақирвачча», деган гапини эшитиб турган бўлса-да, ухлаётгандек жим ётаверди.
 – Тинчибди дурандулет, – деб қўйди Кўршапалак.
 – Хўжайин қўйиб берса, ўлсам ҳам бу билан битта хонада ухламасдим, – ғудранди Суперсур. – Баъзан алаҳсиб уйғониб кетаман-у, арвоҳдек ярқираб ётганини кўриб, нақ бўлмаса шайтонлаб қолай дейман.
Улар стулларни ғижирлатиб ўтиришгач, «чарса-чурс» қарта ўйнашга киришдилар. Гоҳида қартани шунақаям зарб билан уришардики, стол устидаги шишалар бир-бирига тегиб, жаранглаб кетарди. Хонани тамаки тутуни ва арақнинг бадбўй иси қамраб олди. Тез-тез жирракилик қилиб туришига қараганда, Кўршапалак кўпроқ ютқизаётган эди. Охири у столга қўлини шапиллатиб уриб, ҳўкиздек хириллади:
 – Пулим тамом... Ўйнамайман!
Шишадан пиёлага қуйилаётган ичимликнинг «қулт-қулт» товуши эшитилди.
 – Пулинг соб бўлса бўлгандир, лекин аккангни арағи тугамайди, – Суперсурнинг кайфи ниҳоятда ошганлиги тилининг чучуклашиб қолганидан яққол сезилиб турарди. – Ма, ич!
 – Бошим омон бўлса, бунақа пуллардан ҳовучлаб топаман ҳали, – чамаси қоқланиб қолгани Кўршапалакка алам қилаётганди. – Лекин сен махов шу арзимаган чақаларни деб дўстингни алдаяпсан.
 – Оғзингга қараб гапир...
 – Енгингга қарта яшириб ўйнайсан, тулки. Сезмайди дейсан-да, а? Каллангни чўрт узиб олмайин тағин!
 – Мишиқи Холдорнинг гапини гапирма, – дағдағали оҳангда писанда қилди Суперсур. – Ундан кўра, ичсанг-чи заҳрингга.
Ичимликнинг ғўлқиллаб ютилаётгани, пиёланинг столга тўқ этказиб қўйилгани эшитилди. Улар негадир бир лаҳза жимиб қолишди. Сўнг Кўршапалак: «Ҳали биз мишиқи Холдорга тенг бўлдикми», дея пўнғиллади.
 – Ростини айт, Суперсур, шу бола қаердан кеп қолди ўзи? – қамоқда ётган чоғида бу хонадонга келиб қўшилган Холдор билан қизиқди Кўршапалак. – Уни болалар уйидан олганмиз, деган гапинг ғирт «хамак». Кўршапалак калла деб тандирди кўтариб юргани йўқ, барибир ҳаммасини билиб олади.
 – Билиб олганингда, менгаям шипшитиб қўярсан. Ўшанда битта ошга қарздор бўламан.
 – Менга ишонмаяпсан-а! – тўнғиздек хирқираб ўдағайлади Кўршапалак. – Ўргилдим сендақа қадрдондан. Мен аҳмоқ сени ҳурмат қилиб, даста-даста пул ютқизиб турсам-у, сен бўлсанг... Э-э-э...
 – Оббо! Буни сенга нима қизиғи бор? – қартавозликдаги доимий омадсиз рақибидан айрилиб қолишни истамай, бироз юмшади Суперсур. – Хафа бўлмагин-у, буни айтолмайман.
Кўршапалакнинг тишлари ғижирлади.
 – Қўрқасан! – деди у. – Ҳў, кимдан қўрқяпсан? Заргарданми? Истасанг, ҳозироқ кириб, ўша чўлоқнинг сайроқи тилини суғурволаман. Нима, усиз куним ўтмайдими? Хоҳласам, сенгаям тупураман. Тупурайми шу жойнинг ўзида?
 – Карнайингни секинроқ чал-е! – Суперсур Кўршапалакни жеркиб ташлагандек туюлса-да, ялинчоқликка мойил товушидан пастроқ кела бошлагани яққол сезилиб турарди. – Оч мушукка ўхшаб битта сичқонни деб дўстликни ўртага қўяверма-да. Агар билишинг жуда зарур бўлса...
 – Зарур! – гапни чўрт кесди Кўршапалак. – Мен дастурхон атрофида ўтирган одамлар дўстларимми, душманларимми – аниқ билволишим керак. Агар биров сендан сир яширса, билгинки, ўша хумпар овқатингга маргумуш солишни мўлжаллаяпти.
 – Оббо, кўрвачча-ей! – уни эрмаклади Суперсур. – Заҳарлашга арзийдиган одаммидинг сен. – Кейин жиддий тарзда давом этди. – Агар, Холдорга жа қизиқаётган бўлсанг...
Бу воқеа Кўршапалак қамоқда ётган чоғларда юз берганди. Эски ғаними бўлмиш Камол Камтарийнинг ҳар бир қадамини кузатиб, ҳар бир «муюлиш»да унга чоҳ қазишга тиришиб келаётган Бекхўжа профессорни тузукроқ жароҳатлай олмай, кўп доғда юрди.
Ҳа, Бекхўжа Камолни кечиролмади. Агар унинг таклифини рад этган киши еттиёт бегона бўлсайди, заргар бундан унчалик ўпкаланиб ўтирмасди, «ваҳоланки туғма гўсхўр экансан, текин луқмани силлиққина ютадиган донолар топилиб қолар», деб қўяверарди. Камол эса, бегона эмас, собиқ синфдоши. Заргар унинг ёрдам беришига қаттиқ ишонган эди. Афсуски, ишонган ошнаси унинг сазасини ўлдирди, ҳамиятига тегадиган гап айтди, эрмаклади.
Бир куни заргар Камол Камтарийнинг ниҳоят фарзанд кўрганини эшитиб қолди-ю, дилида қониқишга ўхшаш ғалати бир ҳис пайдо бўлди. Гўёки, номард дўстдан олинажак қасос билан ана шу гўдак ўртасида қандайдир боғлиқлик бордек эди.
Таажжуб! Қандай боғлиқлик бўлиши мумкин?
Бекхўжа миясида ногаҳон чақнаб ўтган бу ажабтовур ўйлардан ўша куни парвосизгина жилмайиб қўйганди. Аммо, орадан бир ҳафта ўтгач, беихтиёр яна шу мавзуга қайтди, бунга телевизорда ҳиндларнинг «Дайди» деган киноси кўрсатилиши сабаб бўлди. Кино қаҳрамонларидан бири – ўта машҳур талончи уни қамоққа тиққан судянинг ўғлини болалигидаёқ ўзига оғдириб олади. Тескари тарбия кўрган бола ҳалол ва виждонли отанинг акси бўлиб улғаяди.
«Манавини ўч олишнинг олий намунаси дейдилар! – гўё гап мачитдаги обдастани ўмариш устида кетаётгандек, пинак бузмасдан ғудранди заргар. – Ўзимиздан ишбилгичроқ зотлардан тинимсиз тажриба ўрганиб боришимиз керакка ўхшайди».
Бекхўжа эртаси куниёқ Суперсурни ўз хонасига чақирди.
 – Бу чўтал дастлабки харажатларга, – деди у хизматчисига бир даста пул тутқазаркан. – Профессорнинг арзандасини тириклайин олиб келсанг, пулни кўрпа қилиб ўранадиган бўласан.
Анча вақтгача бу юмушни уддалашнинг имкони бўлмади. Фақат наврўзда Хўжамозорга сайлга чиқилган кундагина иш ўнгидан келди. Қаттиқ жала қуйиб, Суперсурга табиатнинг ўзи кўмак берди-ю, жиноят содир бўлганини ҳеч ким пайқамай қолди.
Қалтис вазифанинг ҳаддан зиёд беқилтириқ уддалангани заргарни ниҳоятда хурсанд қилди.
 – Бу гўдакни қуруқ сафсаталар қуллигидан қутқариб олдик, – деганди у ўшанда. – Энди ҳамма пулдор одамлардек тили ўткир, қўли узун бўлиб улғаяди.
Орадан кўп ўтмай, газетда профессор Камол Камтарийнинг хотини ва ўғли табиий офат натижасида фожиали ҳалок бўлганини билдирувчи таъзиянома босилди. Болани бутунлай кўздан яшириб юриш, ҳатто исмини ўзгартишга ҳам ҳожат қолмаганди...
 – Бундан чиқдики, профессор анави дурандулетни хуморбостига ясаган экан-да? – ҳиринглади Кўршапалак.
 – Мана энди бунисиниям ўмардик, – яна пиёлаларга ичимлик қуйилаётгани эшитилди. – Бир вақтлар профессор билим пулдан кучли деб бизни хижолат қилувди. Пул ундан кўп нарсаларни юлиб олди. Билим иш бермаяпти.
 – Бундоқ ўйлаб қаралса, бу шўрликлардаям айб йўқ, – зиёлиларга ҳамдардлик билдирди Кўршапалак. – Уларни институтлар бузяпти. Муттаҳам фалсафачилар бахт бойликда эмас, ҳалол меҳнатда, деб ғўр ўспиринларни лақиллатишади.
Яна анча гаплашиб ўтиришгач, Кўршапалак, «соат ҳам бешдан ошибди, озгина ағанаб олайлик», дея боғ тарафдаги ҳужрачага чиқиб кетди. У чорбоғда қолган кунлари ўша жойда тунарди. Суперсур айиқдек гурсиллаб ўз каравотига ётди, сал вақт ўтиб, хонанинг шипини титратадиган даражада хуррак ота бошлади.
«Мана, ким экан оқсоч одам, – томирларида электр зарядлари жўшиб ўйлади Автобола. – Холдорниям, мениям дадам ўша киши экан-да!»
Унда ўрнидан ирғиб туриб, Суперсурни шу ердаёқ бўғизлаб ташлаш, кейин бирйўла Кўршапалак ва заргар билан ҳам ҳисоб-китобни тўғрилаб, Холдорни уларнинг панжасидан қутқариш, ўз отасига қайтариш истаги туғилди. Кейин бирданига фикридан қайтиб, ўзини босди.
«Холдор балки заргарни жуда яхши кўрар, – ўйлади у. – Балки унга бошқа ота керак эмасдир. Яхшиси, аввал ўртоғим билан гаплашиб кўрай...»
Автоболанинг ўта сермулоҳазалилиги пайти келиб унинг фожиасига сабаб бўлиши мумкинлигини профессор олдиндан кўра билганида, позитрон мияни бунчалар мураккаб қилиб яратмаган бўлармиди.
Хаёлга берилган Автобола тонг ёриша бошлаганини сезмай қолди. Калла қисмида нимадир тинимсиз ғувиллаб турганини ҳам энди пайқади. У Суперсурнинг ўликдек қотиб ухлаётганига ишонч ҳосил қилгач, қўлини секингина кўкрагига олиб келиб, қизил тугмачани босди. Аммо мириқиб ухлаш насиб этмади, тугмача босилгандан кейин орадан бир соат вақт ўтмаёқ шўрликни яна уйғотишди. Унинг мияси ҳануз ғувиллаб турарди.
 
Охирги топшириқ
 
Шаҳарда қадимий олтин буюмлар кўргазмаси очилиши ҳақидаги хабарни Бекхўжа заргар бундан бир ҳафта олдин газетда ўқиганди. Кўршапалакнинг кеча чорбоққа келишига сабаб ниҳоят ўша кўргазманинг очилганини хўжайинга билдириб қўйиш эди. Унинг гаплари рост бўлса, бу кўргазмани Худоёрхоннинг хазинаси дейиш мумкин эди. Айниқса, Оқсарой атрофини қазиш чоғида топилган машҳур олтин дубулғанинг ўзи бутун бир олам!
Тунги ичкиликбозликдан афти тундлашиб, қовоқлари шишиб кетган Кўршапалак эрталаб маслаҳатни пишитиб олишга келганида ҳам заргарнинг фикр-ёди Темурнинг олтин дубулғасида эди.
Суҳбат қисқа бўлди. Бекхўжа аллақачон бир қарорга келиб қўйганди – режани шу бугун тундаёқ амалга оширган маъқул!
 – Умуман, кўргазма ўн кундан кейин ёпилади, – шошилишнинг нима ҳожати бор, деган маънода изоҳлаб ўтди Кўршапалак.
Бекхўжа заргар эса ўзининг олғирлик фазилатига бу сафар ҳам содиқ қолди:
 – Кўргазма яна ўн кун ишлайди, деб анқайиб юрганлар, майли, доғда қолишаверсин, – қуюқ киприкларини катта очиб, Кўршапалакка тазйиқона тикилди у. –Тирикчиликнинг олий қонуни бор: ғафлатда қолдирмасанг, ғафлатда қоласан! Нима, шаҳарда биздан бўлак камхаржлар йўқми?
 – Бўпти-да, бугун бўлса бугун-да, – қўлга киражак ўлжадан дарак бераётгандек, қичиша бошлаган кафтини қашиб туриб бош ирғади Кўршапалак. – Бор гап шуми, хўжайин?
Заргар стол бурчагидаги йўқлагични ўзига яқинроқ сурди:
 – Ҳозир Автоболани чақираман. Асосий гапни гаплашиб олганимиздан кейин, миясини ўзинг алоҳида пишитасан.
У йўқлагич карнайчаси остида қаторлашиб турган тугмачалардан бирини босиб, гапиришга эндигина шайланганда, Автоболанинг ким биландир сўзлашаётганини эшитиб, жимгина қулоқ солди.
« – ...мастликда Кўршапалакка ҳамма гапни айтиб берди, – куюниб уқтирарди Автобола. – Мени ухлаяпти деб ўйлади. Улар аянгни ўлдиришди. Сен билан мени дадамиздан тортиб олишди. Энди биляпман, булар ёмон одамлар».
Кейин карнайчадан Холдорнинг қичқириғи эшитилди:
« – Ёлғон! Сен ёлғончисан, Темиртак! Билиб қўй, агар гапинг рост чиқмаса, каллангни узволаман!»
Энди Автобола ўшқириб берди:
« – Суперсурни бўғизлаб туриб, ҳаммасини бошқатдан гапиртирсам, ишонасанми? Чақириб келиб, сайратайми ҳозир?»
Ранги бирдан бўзариб кетган заргар тугмачадан қўлини олиб, еб қўйгудек важоҳатда Кўршапалакка чақчайди.
 – Тўнғизлар! Ишни расво қипсанлар-ку!
Кўршапалак норғул гавдасига ярашмаган алфозда бўйин қисди.
 – Ҳм... биз... – деди у ғўлдираб, – қаёқдан билибмиз? Оббо дурандулет-ей, мотори ўчмаган экан-да!
 – Автоболани тезда буёққа чақир, – бир дақиқа мулоҳазаланиб тургач, ўзича шошилинч режа тузиб олиб, буюрди заргар. – Мен уни пича чалғитишга ҳаракат қиламан. Сен Холдорни ертўлага тиққин-у, Суперсурни бошлаб кел.
Кўршапалак ҳаллослаганича хонадан чиқиб кетди. Заргар телефоннинг симини пастдан узиб қўйиб, эшитқини қулоғига тутди. Автобола эшикдан ўқрайиб кириб келиши билан у худди суҳбатни давом эттираётгандек, бамайлихотир жаврашга тушди.
 – Тушундим. Демак, хотинингизгаям, қизингизгаям бир жуфтдан қашқарбалдоқ. Жуда соз, азизгинам.
Заргар гап орасида кўзи билан имо қилиб, креслога ўтиришни таклиф этган бўлса-да, Автобола муштларини тугканича қаққайиб тураверди.
 – Мумкин бўлса, хотинингиз билан қизингизнинг ёшини айтсангиз, – ёлғондакам суҳбатини давом эттирди заргар. – Ҳа, албатта, бу жудаям муҳим. Биз ҳар қандай безакни мижознинг ёшига қараб ясаймиз. Иложи бўлса, ўзлари бир келиб кетишсин...
Кўршапалак билан Суперсур хонага кириб келгач, Бекхўжа гапни қоқ белида тўхтатиб, эшитқини хайр-маъзурсиз жойига қўйди-да, безрайганича Автоболага юзланди.
 – Холдор билан ўртангда ҳозиргина бўлиб ўтган суҳбатдан хабардорман, Автобола, – темир болакай ҳали-ҳозир бошлаб қолиши мумкин бўлган хуружнинг даҳшатли оқибатидан ортиқча чўчимай, бемалол гапирди у. – Биламан, душманларинг айни керак пайтда олдингда тўпланиб турганидан суюняпсан. Лекин, қўлингга эрк беришдан илгари сўзларимга тоқат билан қулоқ сол. Сен бу ерга келиб, телефондаги суҳбат тугашини кутиб турганингда, Кўршапалак Холдорни яшириб қўйишга улгурди. Энди уни биздан бошқа ҳеч ким тополмайди. Аммо, сен топиб беришимизни илтимос қилсанг, эски улфатчилик ҳурмати гапингни ерда қолдирмаймиз.
 – Ҳозир учалангниям деворга чаплаб ташлайман! – ғижинди Автобола.
Кўршапалак ранги оқариб, беихтиёр бир қадам орқага тисарилди. Суперсур оёғига қалтироқ кирганини сездирмаслик учун бир қўли билан стул суянчиғига таянди. Заргар эса Автоболани бармоғида ўдағайлаб, шоша-пиша эслатди:
 – Шуни билиб қўйки, болакай, деворга чаплаб қўйилган одам сенга ёрдам беролмай қолади. Бу дегани – қамаб қўйилган ошнанг очликдан ўлиб кетади!..
Ҳамлага шайланган қоплондек турган Автобола бу гапдан кейин сал бўшашгандек туюлса-да, ҳануз тажовузкорликдан қайтмай, заргарга яқинроқ борди.
 – Қачон қўйворасан Холдорни?
Бекхўжа заргар хийла енгил тортиб, креслога ястаниброқ ўтирди.
 – Арзимаган бир хизмат бор, – деди у. – Шуниям бажарсанг, Холдорни ўша заҳоти қўлингга топширамиз.
 – Кейин, менга деса, иккаланг Истамбулга кетмайсанми! – гап қистирди Суперсур.
 – Сен акилламай тур! – унга ўгирилиб ўшқирди Автобола. Сўнг яна заргарга юзланди. – Майли, Холдор учун нима десанг қиламан. Лекин, билиб қўй, хўжайин,
энди алдоқчилик кетмайди. Алдасанг, ичингдаги ускуналарни пачоқлаб ташлайман.
Қанчалар зеҳнли бўлмасин, Автобола ўз номи билан барибир бола эди. Калла қисмидаги микроконденсаторлар баттардан қизиб, фикрлаш қобилияти бирмунча сусайиб қолган мазкур вазиятда у қаршисидаги муттаҳамларнинг иккита тирик гувоҳни осонгина қўйиб юбориши мантиққа зидлиги тўғрисида ўйлаб ўтирмади. Мабодо, буни тушуниб етган тақдирда ҳам, ҳозирча уларнинг шартига кўнишдан бошқа иложи йўқ эди.
 – Нима қилишим керак? – бироз итоаткорона, аммо ғазабнок овозда гапирди Автобола.
Энди кўнгли батамом жойига тушган заргар Кўршапалак билан маънодор кўз уриштириб олиб, одатдагидек кескин ва дона-дона қилиб деди:
 – Топшириқни Кўршапалакдан оласан. Ишларингизга аралашиб ўтирмайман, бошқа хонага чиқа қолинглар.
Улар чиқиб кетишгач, заргар Суперсурга ўчкор кўз қадади:
 – Охири тилингдан кетибсан-да, кал?
Суперсур ўшшайганича лаб жимирди.
 – Агар Ер тинчгина айланиб турса, эртами-индин бу ҳақда бафуржа гаплашиб оламиз. – Бекхўжанинг юзида акс этиб турган гинахонлик аломати бирдан ғойиб бўлди. – Ҳозир олдимизда жуда долзарб иш турибди – Автобола қайтиб келиши биланоқ уни темирлар худосига топширвориш керак бўлади. Холдорни бўлса, Автобола мия айниш касаллигидан
бандалик қилди, деб ишонтиришга уриниб кўрасан.
 
Қудуқдаги қоровул
 
Соат тунги тўрт...
Бундан бир неча соат илгари чўкаётган кемадаги ғала-ғовурни эслатувчи шаҳар энди навбатдаги сеанс тугаган улкан кинотеатрдай бўм-бўш бўлиб қолганди. Йўл ёқасидаги бўйчан симёғочларга ўрнатилган сутранг чироқларни ҳам мудроқ босаётганга ўхшар, тротуар четидаги боғкурсилар эса чинорлар остига узала тушганича қотиб ухлаётгандек кўринар эди.
Елкасига ов милтиғини осиб олган қоровул уйқуни қочириш учун қадимий олтин буюмлар кўргазмаси биноси олдида тинмай уёқдан-буёққа юриб турарди. Четдан қараганда парвосиздек туюлса-да, кўз қирида теваракни зийрак кузатар, бирон-бир шарпани эътибордан четда қолдирмаслик учун чор атрофга диққат билан қулоқ соларди.
«Келадиган бўлса, тезроқ келгани яхшийди, – дея диққати ошиб ўйларди, кўргазма очилиши биланоқ қоровул ролини ўйнай бошлаган милиция сержанти. – У келгунча на менда ҳаловат бўлади, на тезкор гуруҳ аъзоларида. Ишқилиб, талончилар кўргазма ёпиладиган кунни мўлжаллаётган бўлишмасин, яна тўққиз кечани мана шундай дилдираб ўтказишга тўғри келади. Борди-ю, робот умуман келмаса-чи? Шундай бўлиши ҳам мумкин-ку? Ҳа-а, унда...»
Қоровул бир сесканиб тушди. Кўргазма биноси яқинидаги қўшчинор айриси орасида аллақандай калла ваҳимали ярқираб турарди. Бу – Автоболанинг никелланган пўлат юзи эди албатта.
Майор Аҳмедов: «Автоболани кўрганда ваҳимага тушма, у ўзидан ожизларни ортиқча хафа қилмайдиган мардлардан чиқиб қолди», деб тайинлаганига қарамай, қоровулнинг юраги орқага тортиб кетди. Йўқ, хавфли жиноятчилар билан бўлган олишувларда ҳам заррача титрамаган сержантни қўрқоқ деб бўлмасди. Мислсиз ҳаяжон уни шу куйга солиб қўйди – у ҳаётида биринчи марта темир талончи билан юзма-юз келиши эди.
Сержант бир лаҳзалик ҳаяжонни енгиб, дарҳол ўзини босиб олди, яна вазифасини лоқайдгина бажараётган тўпори қоровул қиёфасига кирди. Ҳеч нарса сезмаётгандек ортга бурилиб, бинонинг нариги бурчаги сари имиллаб кета бошлади.
Орқадан тез яқинлашиб келаётган қадам товуши эшитилди. Қоровул кескин ўгирилган пайтда бўйнига хўроз гулли кўк халта осиб олган Автобола ундан бор-йўғи икки одим нарида турарди. «Мана, қанақа экан темир қароқчи», дея ҳайрат билан унга тикилиб қолди қоровул.
 – Дамингни чиқарма! – бармоғини лабига босиб, севимли гапини такрорлади Автобола. – Милтиқни яхшиликча берасанми?
Қоровул саросимага тушгандек пича иккиланиб турди, кейин қуролини елкасидан олиб, секингина унга узатди. Автобола милтиқни гугурт чўпини синдиргандек қоқ ўртасидан бўлди-да, тротуар четидаги ариққа ташлаб юбориб, соқчининг орқа ёқасидан тутамлади. Майор сержантга кўпдан-кўп далдалар берганига, Автобола ҳам «қалтирама, кучсизларни ўлдириш мардликка кирмайди», дея унга ҳаёт ваъда қилаётганига қарамай, бу манзара барибир қўрқинчли эди. Унинг қаршисидаги талончига на самбо усули, на ўқ бакор келар, агар у истаса, одамниям ариқда ётган анави милтиқдек осонгина «синдириб» қўя оларди.
Ташқарида бўлаётган ишларни кўргазма биноси қаршисидаги уйнинг деразасидан кузатиб турган майор Аҳмедов қоровул ролини бажараётган сержант учун бу дақиқалар нақадар оғир кечаётганини юрак-юракдан ҳис қилаётганди.
Автобола қоровулни шахдам етаклаб келиб, йўл бўйидаги оқавасув қудуғининг қопқоғини очди. Қоровул буйруққа бўйсуниб қудуққа тушгач, қопқоқни беркитди, тротуарда қаторлашиб турган газсув автоматларидан бирини хотиржам кўтариб келиб, қопқоқ устига бостириб қўйди.
 – Нақадар пухта ишлаяпти азамат! – ёнида турган лейтенантга қараб аста шивирлади майор. – Ҳақиқий мўъжиза!
Автобола атрофга бир аланглаб, кўргазма биноси тарафга юрди. Йўл-йўлакай халтасидан қандайдир сарғиш матони олиб, қўлтиғига қистирди. Пиллапоядан кўтарилгач, эшикнинг қулфини бемалол олиб ташлаб, бирдан ишга тушган сигнализация чинқириғига парво ҳам қилмай, шипиллаганича ичкарига кириб кетди.
Талончи ишни кутилганидан бирмунча тез уддалади – орадан икки минут ҳам ўтмай, сарғиш қопчиқни орқалаганича яна ташқарида пайдо бўлди. Тротуар уни қониқтирмади шекилли, катта йўлнинг ўртасига чиқиб келди-да, оёқлари остидан учқун сачратиб югуришга киришди. Унинг тезлиги секунд сайин ортиб бориб, асфалтдан тобора тезоб чалинаётган ноғоранинг оҳангига ўхшаш товуш тарала бошлади.
Бироздан сўнг шаҳар жиноят қидирув бўлими ходимлари ва уларга кўмаклашувчи қўшимча гуруҳ микромаёқнинг сигналига эргашганича Автоболанинг изига тушди.
Автобола жанубий йўналишда ҳаракат қилиб, шаҳардан жадал узоқлашиб бораётганди. Лекин, бир неча минут ўтгач, унинг тезлиги кескин сусайиб кетди. Охири бутунлай ҳаракатдан тўхтади.
 – Ҳозир у ўн иккинчи квадратда турибди, – машинага ўрнатилган махсус асбобларга тикилиб, аниқ ахборот берди лейтенант. – Бу ерда кўл бор холос, ўртоқ майор.
 – Нега тўхтаб қолдийкин? – ўйчанлик билан қош чимирди майор. – Маълум вақтда уни ухлатиш лозимлиги ҳисобга олинмаса, Автобола умуман чарчамайди.
 – Ўлжани кўлга чўктираётган бўлмасин тағин? – ўз тахминини айтди лейтенант. – Балки бошлиғи шундай топшириқ бергандир.
Майор ярқ этиб лейтенантга қаради.
 – Эҳтимолдан холи эмас, – деди ташвишли қиёфада. – Унда, ишим... ишимиз анча чигаллашади. Микромаёқ ҳам кўлда қолиб кетади.
Микромаёқдан узлуксиз узатилаётган сигнал Автоболанинг қайтадан ҳаракатга келганлигини билдирди. Гуруҳ уни таъқиб қилишда давом этди. Темир талончининг юриши энди анча суст эди. Ўн тўртинчи квадратга етганда яна тўхтади.
 – Бу квадратда Бекхўжа заргар турадиган чорбоғдан бошқа бино йўқ, – ахборот берди лейтенант.
Бекхўжа заргарнинг номини эшитиб, майор бирдан ҳушёр тортди, остки лабини тишлаб, бир зум нималарнидир мулоҳаза қилиб тургач, кескин оҳангда буюрди:
 – Чорбоғдан ҳеч зоғ ташқарига чиқиб кетмаслиги керак. Тез, аниқ, шовқин-суронсиз ишлаймиз, йигитлар.
 
Ёғоч ҳайкалнинг боши
 
Дақиқа сайин калла қисмидаги ғувиллоқ кучайиб бораётганига қарамай, Автобола топшириқни одатдагидек бехато бажарди. Кўргазмани қоқлаб чиққач, аввалига асфалтда жуда енгил югуриб борди, кейин кутилмаганда дармонсизланаётганини ҳис қилди, тезлиги ўз-ўзидан камайиб кетди.
«Менга нима бўляпти ўзи? – таажжубланиб ўйлади Автобола. – Нега тез юролмаяпман?»
Автобола ўзини ҳар куни уйқуга ётқизишларига шунчаки бир ҳаловат сифатида кўникиб қолганди. Ухлатиб турилмаса, узоғи билан ўттиз беш соатдан кейин бутунлай ишдан чиқиши мумкинлигини мутлақо билмасди. Агар билганида, бедорлиги аллақачон қирқ соатдан ошиб кетгани ҳозир уни жиддий ташвишга солган бўларди.
Бора-бора, у атрофдаги шарпаларни яхши эшитмай қолди, кўз олди хира тортгандек бўлди. Энди унинг кўкрак қисмида ҳам нимадир зириллай бошлаганди. Кўл бўйига етганда юришга мадори қолмай, тиззалаганича майсалар устига ўтирди. У ҳатто сейфни орқалаб келган куни ҳам устида юк борлигини деярли сезмаганди, бу гал эса елкасидаги енгилгина қопчиқ жуссасини тобора эзиб тушяпти, бармоқларини толиқтиряпти.
Автоболанинг кўкрак қисмидаги зириллоқ кучайиб, боши баттардан ғувиллади, кўз олди жимирлашиб кетди. У қопчиқни ерга ташлаб, бошини кафтлари орасига олганича майса устига чалқанча ётиб олган чоғда, кўз ўнгида яна оқсоч олимнинг қиёфаси намоён бўлди.
« – Буёққа кел, тезроқ келсанг-чи, – дерди у Автоболани меҳрибонлик билан ҳузурига чорлаб. – Сени ўзим дарров тузатиб қўяман. Мен билан бўлсанг, бо¬шинг оғримайди, кўкрагинг ҳам жизилламайди, сенга доим кўз-қулоқ бўлиб тураман. Ахир сен... фарзандимсан... худди Холдорга ўхшаб...»
 – Холдор! – Автоболага бирдан қувват киргандек бўлди. – Тезроқ бормасам, уни ўлдиришади! Ўлдиришади аблаҳлар!
У ўрнидан сапчиб туриб, қопчиқни орқалади. Оёқлари ўз-ўзидан чалишиб кетаётгандек туюлса-да, иложи борича шахдам одимлаб, чорбоғ тарафга йўл олди.
Бошидаги ғувиллоқ энди азобли санчиққа айланди. Кўкрак қисмидаги микросхемадан эса ўша санчиққа монанд равишда «чирс-чирс» этган товуш кела бошлади. Яна бир неча минутдан сўнг ўз ҳаётида қандайдир даҳшатли нарса содир бўлиши муқаррарлигини шу топда аниқ ҳис қилаётганига қарамай, Автобола тобора илдамроқ одимлашга тиришаётганди. Холдорни қутқариш зарур эди.
 
* * *

Суперсур Автоболани ташқи эшик ёнида кутиб оларкан, тиржайишга урингандек кўринса-да, совуқ нигоҳида қабиҳона бир ният яллиғланиб турарди. Бекхўжанинг хонасига кириб бораётганида Автоболанинг боши қаттиқ санчиб, гандираклаб кетди. Бу санчиқ тинимсиз давом этаётганига парво қилмай, заргарга яқин бориб, ўлжани столга ағдарди. Тилла безакларнинг бир қисми столдан тошиб, полга сочилди, қопчиқ тубидаги олтин дубулға эса даранглаганича юмалаб, заргарнинг қучоғига тушди.
 – Холдор қани? – гап гўё заргарнинг чўнтагидаги буюм ҳақида бораётгандек, унга кафтини чўзиб сўради Автобола.
Қўлидаги дубулғани авайлаб сийпалай бошлаган заргар хотиржам жавоб қилди:
 – Дарвоқе, ваъда бергандим. Биламан, дўстликнинг бузилиши у ёки бу томоннинг бебурдлигидан бошланади. Ваҳоланки, дўстлигимизча қолмоқчи эканмиз...
 – Гапни чўзма! – ўдағайловчи товушда жеркиб берди Автобола. – Холдорни ҳозироқ кўрсат. Вақтим зиқ, тушуняпсанми?
 – Бунча шошасан? Ошнанг маза қилиб ухлаб ётибди, – дея гап қистирди боядан буён соғ кўзини тилла буюмлардан узолмай турган Кўршапалак.
Эшитиш қобилияти сусайиб кетган Автобола четдан келган бу хирқироқ товушга эътибор бермай, заргарнинг кўзига қаттиқроқ тикилди.
 – Бер деяпман Холдорни! Агар ҳозироқ бермасанг...
Бекхўжа олдидаги йўқлагичнинг тугмаларидан бирини босиб, уни Автобола томон сурди.
 – Аввал ўгай акангга бир товуш қилиб кўр-чи. Ухлагиси келмаётган бўлса, майли, дарровда олиб чиқишади.
Автобола стол олдида доимо кўндаланг турадиган креслога ўтириб, йўқлагичнинг карнайига эгилганича бор товушда қичқирди:
 – Холдор! Акажон! Уйғоқмисан? Мени эшитяпсанми? Гапимни эшитяпсанми, ака?
 – Бу сенмисан, Темиртак? – карнайдан Холдорнинг шодон, лекин одатдагидан хастароқ товуши келди. – Мени ертўлага қамаб қўйишди, ошна. Қоронғида ўтирибман. Сув ичгим келяпти.
 – Ҳозир олиб чиқишади сени. Хоҳласанг, бир бўчка сув ичасан. Кейин дадамизнинг олдига кетамиз. Аввал сени ертўладан...
Автобола гап билан бўлиб, Суперсурнинг хона бурчагига оёқ учида юриб борганини ҳам, ўрта аср камончиси қиёфасидаги ёғоч ҳайкалнинг калласини чапга бураганини ҳам сезмай қолди. Ҳайкалнинг боши буралиши билан кресло олд томонга мункиб, Автобола ундан сирғалган асно чуқур ўрага тушиб кетди.
Данғиллаганича ўранинг тубига келиб урилган Автобола ҳали эс-ҳушини йиғиб улгурмай, тепадаги қопқоқ ёпилиб, зимистонда ивирсиб қолди.
 – Аблаҳлар! Яхшиликча тортволинглар мени! – қўлларини юқорига кўтариб, қопқоқ сари жон-жаҳди билан сакрай бошлади у. – Барибир бу ердан чиқволаман. Чиқсам, ҳаммангга ёмон бўлади. Тортволинглар деяпман яхшиликча!
 Бу маҳал унинг бошидаги санчиқ чидаб бўлмайдиган даражада зўрайиб, кўкрак қисмидаги чарсиллоқ овоз янада кучайди. Сакрашдан тўхтаб, бошини чангаллаганича бемажол туриб қолди. Сўнг аста-секин чўка бориб, охири ғужанак бўлиб ётиб олди.
«Бу одамлар қанақа махлуқ ўзи? – қаттиқ азобдан титраб, алам билан ўйлади у. – Уларга нима ёмонлик қилдим? Нега мени бунчалик қийнашяпти?»
Унинг кўз ўнгидан Бекхўжа заргарнинг тажовузкор нигоҳи, Кўршапалакнинг қабиҳлик акс этиб турувчи тунд башараси, Суперсурнинг совуқ тиржайиши кино тасмасидек шариллаб ўтди. Кейин оқ сочли киши дилкашлик билан унинг олдига келиб, елкасидан ачомлаётгандек бўлди. Ертўлада қолиб кетган Холдор: «Сув ичгим келяпти, ошнажон!» деб қичқиргандек туюлган дамда Автобола сапчиб ўрнидан турди. Шу сапчишда ўранинг тош деворига шиддат билан урилиб, бир дақиқа ҳайкалдек қотиб қолди, сўнг шалвираганича ерга йиқилди, бошқа қимирламади.
Унинг очиқ қолган мунчоқ кўзларида мислсиз азоб, борлиққа нисбатан ҳадик излари яққол акс этиб турар ва бу кўзлар: «Эркимни ҳимоя қилолмас экансан, нега мени яратдинг?» деган саволни тинимсиз такрорлаётганга ўхшарди.
Ҳа, яратишда унга бахт ваъда қилишди, яралгандан сўнг аёвсиз алдашди, алдовга қарши бош кўтаргани учун ўлдиришди. У одамлар билан яшаб кўрди, лекин одамларга тушунолмади.

«Автобола қани?»
 
Суперсур ёғоч ҳайкалнинг калласини тўғрилаб қўйиши билан ўра устидаги қопқоққа маҳкамланган кресло аввалги ҳолатига қайтди. Автоболанинг бирдан жимиб қолгани Холдорни шубҳага солди, йўқлагичдан унинг ҳаяжонли товуши таралди: «Темиртак! Қаердасан, ошнажон? Нимага индамаяпсан?..»
Кўршапалак қийшиқ бурнини йўқлагичга теккизгудек бўлиб хирқиради:
 – Ташвиш тортмасинлар. Холаваччасини кўргани кетди ўша дурандулет. Ве-ха-ха...
 – Уни нима қилдинг, эгрибурун? – товуши қалтираб қичқирди Холдор. – Темиртакка тегма! Қараб тургин, каллангни узволаман ҳали!
Кўршапалак йўқлагични ўчириб, ғудирлади:
 – Олимваччаниям ахлоқи бузилиб бўпти-ку. Бетамизгина безори чиқарди бу уйинг куйгурдан.
Автоболани ҳибсга олиб, ниҳоят кўнгли таскин топган Бекхўжа энди Темурнинг олтин дубулғасини ўйинчоқпараст боладек завқ-шавқ билан томоша қилиб ўтирарди.
 – Бир пайтлар деярли бутун Европани шахсий томорқасига айлантирган турк султони елдирим Боязид ҳам мана шу дубулғанинг эгаси олдида бош эгкан, – жаҳонгирлик шу дамдан эътиборан унинг қўлига ўтгандек фахрланиб сўзлади Бекхўжа.
Ўранинг ниқобланган қопқоғи қанчалар зич ёпилган бўлмасин, пастдан Автоболанинг нимадир деб қичқираётгани элас-элас қулоққа чалинди. Бироздан сўнг унинг қаттиқ данғиллаб ўра деворига урилгани эшитилди. Шундай қаттиқ урилдики, хона шипидаги қандил чайқалиб, дераза ойналари зирқираб кетди.
 – Камол Камтарий жаннатга киргур мухбирчани лақиллатмаган бўлса, Автобола тез орада оламдан ўтиши керак, – бу сафар садаф қадалган тилла зебигардонни кўздан кечираётиб, Суперсурга қиялаб боқди заргар. – Ҳай, мендан нима кетди, унинг олтин юрагини Кўршапалак икковинг бўлишиб ола қолинглар.
Бу вақтда Автобола аллақачон оддий темирга айланиб қолганидан у ҳали бехабар эди.
Тўсатдан эшик зарб билан очилди. Хонага ёш лейтенант бошлиқ тўрт нафар милиционер отилиб кирди.
 – Қўлингни кўтар ҳамманг! Ҳеч ким жойидан қимирламасин! – буюрди лейтенант.
Улар қўлга тушганларни тинтишаётганда хонага майор Аҳмедовга эргашганича Камол Камтарий кириб келди.
 – Воҳ, чаён! – Бекхўжага ўқрайиб кўз қадади профессор. – Мени чақаётган сен экансан-да?
 – Сени қақшатган мен эмас, пулларим! – вазиятдан ортиқча саросимага тушмай, бамайлихотир кесатди Бекхўжа. – Азамат пулларимнинг қудратига таяниб, сени қўғирчоқдек ўйнатиб келдим. Азиз нарсаларингни тортиб олдим.
 – Тўғри, пул билан кўп қабиҳликлар қилдинг, аммо ғолиб чиқолмадинг.
Бекхўжа истеҳзоли жилмайиб қўйди:
 – Кечирасан, азизгинам. Мен шахсан сендан мағлуб бўлганим йўқ. Сени анави халоскорларинг ғолиб қилишди. Чунки уларга кераксан.
 – Ҳа, халқимга бундан кейин ҳам керак бўламан.
 – Халқимга? Сизларга керакманми, йўқми деб сўраб кўрганмисан халқингдан? Балки уларга сен яратаётган мўъжизалардан ноёброқ нарса зарурдир?
 – Кишиларга нимаики зарур бўлса, илм-у фан эртами-кеч ҳаммасини яратиб беради.
Бекхўжанинг қийиқ кўзлари баттар қисилди:
 – Йўқ! Оламда шунақа нарсалар борки, уларни лабораторияларда ясаб бўлмайди. Кўз ўнгимда қанчадан-қанча жаҳоншумул кашфиётлар қилинди, лекин бирон-бир кашфиётчи менга ота ясаб беролмади. Болалик, ўспиринлик даврларим мунғайиш, фарзандини эркалатиб турган оталарга ичикиб термилиш билан ўтди. Сен буни тушунасанми, олим?
 – Кечирасан, отангни бу юртдан мен ҳайдаганим йўқ.
 – Сен ҳайдадинг нима-ю, сени худонг ҳайдади нима? Сен битта отамнимас, оллоҳимниям юрагимдан суғириб олдинг, ўрнига ўзинг сиғинаётган сохта худони тиқиштирмоқчи бўлдинг. Лекин, меҳрибондан меҳрибон яратгучиси осмондалигини бир марта завқланиб эшитган одам, ҳатто унинг борлигига ишонмай қўйганидан кейин ҳам, ерда ясалган худони барибир тан ололмас экан. Охири, ўзимдан тангрича ясаб, жаннатимни шу дунёга кўчирдим. Эътиқод аросати менга тўғри келмади... Хуллас, кимлигимни биламан. Аммо, сен-чи? Бу оламда нима қилиб юрибсан ўзи?
Камтарий, одатдагидек, шошмасдан жавоб қилишга ҳозирланаётган чоғда, майорнинг сабри тугаб, мавзуни мақсадга бурди:
 – Гапни чувалама, туллак! Автобола қани?
Бекхўжанинг профессорга тикилган кўзларидаги қаҳр ва ачиниш қоришмаси, у майорга юзланаётган дамда, бирдан ифодасини ўзгартиб, масхараомуз тус олди.
 – Автоўғрини айтяптиларми? – дея безрайиб пичинг отди у. – Ҳаммомга кетувди шекилли...
Профессорнинг кўнгли қандайдир нохушликни ҳис этиб, қиёфасини безовталик қоплади:
 – Нега тиржаясан? Қани Автоболам?
Ўзи учун энди ҳамма нарса тугаганини сезиб турган Суперсур Бекхўжадан ҳам, Кўршапалакдан ҳам тап тортмай, заҳархандалик билан шанғиллади:
 – Галварс экансан, профессор! Калласи пақирдан ясалган ўша темирни бошингга урасанми? Ундан кўра, ўғлингни суриштирсанг-чи!
Камтарийнинг юраги кўкрак қафасини синдиргудек ирғишлаб, нафаси бўғзига тиқилган куйи, кекса талончига донг қотиб боқди:
 – Ўғлим? Қ... қанақа ўғил?
 – Омбордаги ертўлада калла узишга ишқибоз бир бола ётибди, – энди қўлларингдан нима келарди дегандек, аввал Бекхўжага, сўнг Кўршапалакка бир-бир хўмрайиб олиб, гапида давом этди Суперсур. – Мен сенга айтсам, профессор, ўша боланинг оти Холдор. Ўнг елкасида ярим ойга ўхшаган холи бор.
Профессор ҳаяжондан қалтирай бошлаган қўлларини Суперсур тарафга чўзиб, нимадир демоқчи бўлди-ю, сўзга оғиз жуфтлаган маҳалда бирдан гандираклаб кетди. Майор чаққон сакраб келиб, унинг қўлтиғидан ушлади. Камол Камтарий аллақачон ҳушини йўқотганди.
 
Тирилиб қайтган ўғил
 
Орадан бир ҳафта ўтгач, майор Аҳмедов профессор билан яна суҳбатлашиб қолди. Бу сафар улар тасодифан учрашдилар.
Ўша куни ёмғир шивалаб турганди. Шахсий автомашинасида ишдан қайтаётган майор Фанлар Академияси ёнидан ўтиб бораётиб, бекатда турган Камол Камтарийга кўзи тушди. Машинани тўхтатиб, қия очиқ ойнадан унга товуш қилди:
 – Ўртоқ профессор! Камол ака! Келаверинг, ўзим ташлаб ўтаман.
Профессор машинага ўтиргач, майор билан қирқ йиллик қадрдонлардек илиқ кўришди.
 – Хизматчи машинам бугун техника кўригидан ўтаётувди, – яёв қолганлигидан хижолат тортаётгани юзидан сезилмаган бўлса-да, ҳарҳолда изоҳ бериб қўйди профессор. – Ўчакишгандек, академиядан мажлисга чақириб қолишди.
Улар анча жойгача у-бу нарсалар ҳақида сўзлашиб бордилар. Лекин, барибир, гап шу дамда иккала тараф ҳам негадир эслашни унчалар хушламаётган эски мавзуга бориб тақалди.
 – Ишқилиб, Холдорбек билан аҳилмисизлар энди? – деб сўради майор.
 – Унчалар эмас, – дея ҳазиломуз оҳангда жавоб қилди профессор. – Автоболани тезроқ тузатиб беришимни талаб қилиб, мендан аразлаб юрибди. Агар тузатиб бермасам, калламни узиб олармиш.
Майор қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди.
 – Оббо шумтака-ей! Уни одам қилгунча ҳали анча терлайдиганга ўхшайсиз. Мабодо мендан... биздан ёрдам керак бўп қолса, тортинмайсиз-да.
Профессор бир муддат жимиб қолди.
 – Биласизми, биродар, – бахтиёрлик учқунлари чақнаётган кўзларини майорга қадаб, оҳиста гап бошлади у. – Шу кейинги ҳафта ичида ўзим ҳам ёш болага ўхшаб қолдим. Худди янгитдан туғилиб, ҳаёт лаззатини эндигина тотиб кўраётгандайман.
 – Тушуниб турибман, – бош ирғаб қўйди майор. – Ўлдига чиқарилган фарзандингиз қарийб олти йилдан кейин тирик қайтиб келса-ю... Бунақада одамнинг юраги ёрилиб кетишиям ҳеч гапмас.
 – Ҳа! – шу топда баҳри-дили очилиб кетганини яшириб ўтирмай, кўксини тўлатиб шавқ билан ҳаво симирди профессор. – Бу шунақа бир бахтки, дунёдаги ҳамма хазиналарни гаровга қўйиб ҳам атайлаб сотиб ололмайсиз.
Майор маънодор йўталиб, қовоқ-лунжини осилтиришга ҳаракат қилди. Сўнг Камол Камтарийга кўз қирида қувлик билан боқиб деди:
 – Ҳаддингиздан ошманг, ҳурматли профессор. Менимча, пул барибир кучли.
Профессор ярқ этиб унга ўгирилган пайтда ўзини базўр жиддий тутиб турган майор салгина пиқирлаб кулди-ю, иккаласи бири қўйиб, бири «ҳо-ҳо»лай кетишди. Улар чинакам инсоний меҳр-оқибатнинг, виждон ва инсофнинг, ғурур ва иффатнинг, эътиқод ва тафаккурнинг устидан ҳеч қачон ҳукмрон бўла олмайдиган шўрлик пулни, ана шу шалдироқ қоғозга сиғинишгача бориб етган хокисор бандаларни яйраб-яйраб эрмак қилишаётганди.
Майор мисчақмоқни чиқирлатиб, ҳозиргина лабига қистирган сигаретни ёққач, тутунни дарча тарафга пуфлаётиб сўради:
 – Ҳарқалай... Автоболани тиклаш мумкинми?
 – Мумкин, – ишонч билан бош силкиди Камол Камтарий. – Унчалик қийин жойи йўқ.
Майорнинг юзи бирдан қувноқ тус олди.
 – Ундай бўлса, Холдорнинг олдида бошингизни гаров¬га қўйиб юрасизми? Тузатиб берақолинг темир ошнасини.
Профессор суҳбатдошининг кўнгли учун салгина табассум қилган бўлди-ю, кейин қиёфаси яна тундлашди.
 – Бундан нима фойда? – афсуснамо қўл силтаб қўйди. – Унинг мия қисмидаги тўқималар эриб, хотиралари тамоман куйиб битган. Таъмир қилинган робот бутунлай бошқа Автобола бўлади. Эски танага янги бош улангандек гап. Холдорга бўлса, аввалги ўша қадрдон Автобола керак.
Майор юмшоққина тормоз бериб, машинани йўл четига тўхтатди. Улар профессор яшайдиган ҳовли ёнига етиб келишганди.
 – Энди пешайвонда ўтириб битта чой ичсак, – дея уни ичкарига таклиф қилди профессор.
 – Бирйўла зиёфатга келарман, – жилмайиб қўл узатди майор. – Ўғлингизнинг туғилган кунини нишонлайдиган бўлсангиз, бизгаям бир йўталиб қўярсиз.
Улар қаттиқ қўл қисишиб, дўстона хайрлашишди.
 
* * *

...Китобхон дўстим, чамаси, бизнинг ҳам хайрлашадиган вақтимиз келганга ўхшайди. Фақат, иккаламиз икки тарафга қараб йўл олишдан олдин, бир нарса хусусида келишиб олсак дегандим. Зеро, дунёда орқадан айтиладиган таънадан ёмони йўқ.
Балки физикдирсиз, Автоболанинг ички ва ташқи тузилиши билан боғлиқ гапларимдан талайгина хато топарсиз. Аввало, шуни таъкидлаб ўтишим лозимки, қўлимга қалам олаётиб, илмий мақола ёзишни асло мақсад қилмаганман. Қолаверса, муқаддимада айтганимдек, бу воқеани машҳур кибернетик олимдан эмас, оддий бир сартарошдан эшитганман. Кекса сартарош билан ўртамиёна ёзувчидан бундан ортиқ ниманиям кутиш мумкин?
Хуллас, гап шу: мабодо, бу қисса кўнглингизга манзур бўлмаса, ҳамма айбни Тошмат сартарошга ағдаришимизга тўғри келади; борди-ю, сал-пал ёқиб қолса, майли, барча мақтовни ўз гарданимга олганим бўлсин.
1981-1985-йиллар,
Олтиариқ – Тошкент
 
ҲИКОЯЛАР

ФУТБОЛ ТУПИНИНГ САРГУЗАШТЛАРИ

ОЛТИ ТАЙМЛИ ҲАНГОМА

Катакка кўмилган тангалар

Келинг, мактабда ўтилмай қолган бадантарбия дарси ҳисобидан аввал бир думалашиб олайлик, кейин салқинроқ жойни топиб, бемалол вақиллашаверамиз. Ҳатто, юракдан чиқариб тинимсиз бидирлаш учун ҳам, гапни эринмай тинглаб ўтириш учун ҳам катта жисмоний тайёргарлик керак. Баданни қизитиб олсак, бошимдан ўтган ғаройиб ҳангомаларни айтиб мен толиқмайман, эшитиб сиз чарчамайсиз.
Қани, дарвоза томонга қараб яна бир-икки юмалашайлик-чи. Бунинг учун олдин мени тепинг, сўнг биронта полвонроқ одам сизнинг кетингизга гупиллатсин. Қарабсизки, иккаламиз ҳам кетма-кет учиб боряпмиз-да!
... Ҳадеб кетингизни силайвермай, энди гапимни эшитинг. Хуллас, мени дўкондан Акмал қора деган истараси иссиққина бола сотиб олувди. У, ўсиқ киприкларини пирпиратиб, «анави сариғини чўзинг-чи», дея мени кўрсатганида, ўша куни шунақаям севиниб кетдимки, агар сизнинг ҳам дамингизни чиқариб, беш ярим ой пештахтага ташлаб қўйишса, чеккада жим ётишга мажбурлик қанчалар изтиробли эканлигини тушуниб етган бўлардингиз. Мабодо, футбол дарвозасининг устуни шунча вақт бекор турса, диққатпазликдан «Бор-е!» дерди-да, шартта шох чиқариб, барг ёзворарди. Бу устун мевали дарахтники бўлса, шу топда сиз унинг тепасига чиқиб, олма ёки нашвати ейишни бошлаб юборардингиз, албатта.
Энди ишим юрибди-ю, дарёнинг суви қурибди, деганларидек, қулоғи оғир дўкончи қувончимни бир зумда чиппакка чиқараёзди – у ўнг ёнимда тарвузга чатиштирилган помидордек қип-қизариб турган қориндор тўпни олиб, болакайга узатди. Бирдан ичикиб, баттар шалвираб қолдим. Нима, айбим қизил бўлмаганимми?
Чап биқинимда буришиб ётган боксчилар қўлқопи гаранг дўкончидан аччиқланиб: «Шу масовнинг қаншарига қаратиб тортворайми ҳозир!» – дея ғижиниб қўйди.
Шу пайт бир умр ёдимда қоладиган воқеа юз берди – Акмалвой ҳалиги қизил пўстакка қайрилиб ҳам қарамай, бармоғини тўппонча қилиб, иккинчи бор мени кўрсатди:
 – Анавинисини узатинг дедим-ку сизга! Сариқ тўпни ойдинда ҳам ўйнаса бўлаверади. Қизилни пишириб ейманми?
Дўкончи мени бурун жийирганича олиб, Акмалнинг олдига улоқтирди.
Шундай қилиб, дўкондан қутулдим-у, кўп ўтмай, Акмал қора яшайдиган ҳовлида пайдо бўлдим. У акасининг велосипедидан дамлагични олиб, мени ишираверди, ишираверди, ишираверди... Ростини айтсам, бундан ўзим ҳам жуда қўрқиб кетдим: шунақада бирон жойимдан салгина чоким сўкилса борми, бўмбадек «гумбир-р» етиб ёриламан-у, сувга тушган телпакдек бужмоқ бўламан-қоламан.
Акмал қора аккашни дамлаб бўлиб, танамдаги чангларни кўйлагининг енгида артиб турганида, уйдан чиқиб келган аяси мени кўриб, тўсатдан ранги ўчди.
 – Бу тўпни қаердан ўғирладинг, ҳой? – деб ўғлига дўқ урди у. –Дадангга айтувдим-а, бу болани ортиқча талтайтирманг, деб. Мана, хонадонимизни охири шарманда қилдинг!
Болакай қалин қошларини керган куйи, бамайлихотир жавоб қилди:
 – Бунақа зўр тўпни қайси аҳмоқ ўғирлатиб қўяркан? Мактабда овқатланишимга пул берармидингиз, берардингиз. Ўша пуллардан ҳар куни бир-иккита танга орттириб, катакка кўмиб юрувдим. Олдинига-ку мени товуқ қийнади, энди сиз бормисиз?
 – Қанақа товуқ? – баттардан шанғиллаб берди Акмалнинг аяси.
Ўзиям жуда қизиқ иш бўлган экан-да. Буни алоҳида гапириб бермасам, «пақ» этиб портлаб кетаман шекилли. Ичимда гап сақлашга сира чидолмайман.
Қарангки, Акмал қора нафсини қаҳрамонларча тийиб, овқатдан тежаган тангаларини эринмасдан катакка кўмиб юраверибди. «Хазина»си мўлжалдагига етиб қолганида, уни кавлаб олиш учун катакка кириб қараса, чипор товуқ тухумларини тангалар кўмилган жойнинг устига тўплаб, сўппайиб босиб ўтирганмиш. Сурбетлик бундан ортиқ бўладими? Бунақа молпараст товуқ ўз вақтида тартибга солинмаса, оқибати чатоқ тугайди. Бугун тангаларнинг устида жўжа очгиси келибдими, янаги сафар тухумини тўппадан-тўғри хонадон мулки сақланадиган сандиқнинг устига қўяди. Шундаям биров индамаса, кейинги гал давлат банкидаги пул омборини очиб бермасанг, тухум босмайман, деб туриб олади. Фақат ўз ҳузурини ўйлайдиган товуқлар ёки товуқфеъллар кўпайган мамлакатда эса ҳеч қачон футбол ривожланмайди. Чунки, спорт билан маишат тамоман бошқа-бошқа нарсалар.
Дунёда товуқни қийратишдан осон нарса йўқ – дум тарафига битта чангал солинса бас, аввалига қоқоғлаб учиб кўради, сўнг парраги бузилган учоқдек гупиллаб ерга тушади-ю, уёғига пиёда қочади. Акмал десангиз, ўзи қора бўлсаям, ниҳоятда оқкўнгил бола экан, гуноҳсиз жўжаларнинг тақдирини ўйлаб, йигирма кундан ортиқ тоқат қилиб юраверибди...
Мени сотиб олгунича талай азоб-уқубатлар чекканини эшитиб, Акмални янаям яхши кўриб қолдим. Агар ўзбек футболчиларининг лоақал ўндан бири тўпга шунақа меҳр қўя олсайди, «Пахтакор»нинг номини эшитганда, ҳатто «Боруссия»ни безгак тутадиган бўларди.
Мен қорнимни ишириб мамнун турганимда, қулоғимга: «Ў-ҳў! Тўп жуда қойилмақом-ку!» – деган жарангдор товуш эшитилди. Бундоқ қарасам, Акмалга ўхшаган қорамағиз киши кўча эшикдан кириб келиб, менга тикилганича илжайиб турибди.
 – Чиройлими тўпим? – деди Акмал кеккайиб. – Қани, Пелечасига битта тепиб кўринг-чи, дадавой.
 – Тепсак тепаверамиз, тойчоғим, – дея менга яқинлаша бошлади Акмалнинг дадаси. – Ўша Пеле деганиям бизга ўхшаган қўшоёқ одам-да.
У ҳазиллашаётган бўлса керак деб, бепарво қолибман. Қарангки, кап-катта киши ўхшатиб туриб, биқинимга тепворса бўладими, жанубий шарқ томонга қараб ўқдек учиб кетдим. Орқамдан унинг бир пой туфлиси анча жойгача қувиб келиб, охири қўшни ҳовлидаги каттакон қозонда пиширилаётган сумалакка бориб тушди. Қозоннинг теварагида ўтирган кампирлар жон ҳолатда тўрт томонга тизғиб кетишди. Содда бўлмай кетгурлар, осмондан юлдуз парчаси тушди деб ўйлашди шекилли, бу ҳақда олдиндан огоҳлантириб қўйишмагани учун обсерваторияда ишловчи олимларни қарғай бошлашди.
Мен ҳавода учавердим, учавердим, учавердим, иккинчи, учинчи, тўртинчи ҳовлиларнинг тепасидан ўтиб, ниҳоят аста-секин пастлашга тушдим. Пастлаётиб: «Э, хайрият, бирпасдан кейин Акмал билан яна дийдор кўришамиз», деб ўйладим.
Бекорга қувонган эканман – қўнай деганимда, кенггина йўлнинг устига тўғри келиб қолдим-у, қўрққанимдан чокларим тирсиллаб кетди. Йўлда қатор-қатор машиналар бир-бировининг тутунини ҳидлашиб, икки томонга ғиззо-ғиз ўтиб туришар, мабодо уларнинг орасига бориб тушсанг, омон чиқишинг амримаҳол эди.
«Эҳ, пешана қурсин, – деб ўйладим мен. – Эндигина ширин ҳаётни бошлаганимда, наҳотки бевақт нобуд бўлсам? Тўғри, ичига ҳаво тўлдирилган ғилдираклар аслида бизнинг узоқ қариндошимиз. Аммо, улар мендан анча катта. Катталар эса, кўпинча, қариндошлари тугул, туғишган укасиниям танимай қолишади. Шунақа гапларни эшитганмиз-да».
Ҳа, бегонани-ку бегона дейсан, бироқ сени ўзингникилар тепалаб турса, дунё кўзингга қоронғи бўпкетса кераг-ов. Даҳшат бу!
Омадим бор экан, ишим ўнгидан келди. Акмалнинг дадаси ҳақиқатанам Пеледек аниқ мўлжал билан тепган шекилли, мен ғилдирак остига эмас, вағиллаб ўтиб бораётган буқасимон юк машинаси устидаги қумга бориб тушдим.
Энг муҳими – саломат қолдим. Буёғи бир гап бўлар...
 
Қўчқорали мени еёлмади

Машинадаги қум Қўзи қассоб деганнинг ташқисига тўкилди. Янги қураётган уйини қумсувоқ қилдирса керак-да.
Машина жўнаб кетгач, қассоб мени кўриб қолиб, кўзини чақчайтирганича қўлига олди ва: «Худойимнинг тантилигини қаранг, тузлаб топширган териларимдан биттасини тўп шаклида ўзимга қайтариб турибди-я», деб, чангимни пуфлади. Худди бозордан қўй танлаётгандек, у ер-бу еримни эзғилаб ҳам кўрди. Кейин: «Қўчқорали! Келақол, ўғлим, сенга тўп опкелдим. Тепсанг, улоқчадай ирғишлайди бу занғар», деб хирқиради. Сўлақмондай кишининг ғирт ёлғон гапираётганини кўриб, ҳаддан ташқари уялиб кетдим. Мени сотиб олгунча Акмал шўрлик қанча қийинчиликлар тортганини бу тайёрхўр қаёқдан билсин?
Дарвозанинг ёнидаги меҳмонхонадан бир бола чиқиб келди: калласи оғирлигидан бўйни бир томонга қийшайган, қорни кўйлагининг тугмаларини узгудек дўппайган, оёқлари тиззадан икки ёққа тоб ташлаган, бети товоқдай. У менга менсимаган қиёфада боқиб: «Тўпни бошимга ураманми? Буни ўрнига хурмо-пурмо олиб келавермабсиз-да, дадагинам» деб минғирлади.
Оббо очофат-ей! Қўл-оёқли озиқ-овқат омборими бу? Ишончим комилки, мени сарёққа қовуриб беришса, дарров олдимда чордана қурган бўларди. Кейин мени чайнайверарди, чайнайверарди, чайнайверарди... Бу тўпхўрлик бир ойга чўзилармиди, икки ойгами, унисини аниқ айтолмайман.
 – Яна емишдан гапирасан-а! – дея ўғлига зардаси қайнаб тикилди Қўзи қассоб. – Бўрдоқига боқилаётгандек ялтиллаб кетганингни қара. Тўп-мўп тепиб турсанг, сал пойинг пишармиди?
Қўчқорали безиллаб қўл силтади:
 – Тўп тепаман деганимдаям, болалар «бор, нарироқда пишилла», дейишиб, мени барибир ўйинга қўшишмайди. Жуда зарур бўлса, спортнинг бошқа тури билан шуғулланарман.
 – Масалан? – яна кўзларини чақчайтирди Қўзи қассоб.
 – Масалан, велосипед спорти билан, – деди Қўчқорали. – Энди битта велосипед оберасиз, дадагинам. Моторлигидан!
Бу гапни эшитиб, Қўзи қассоб бўкириб юборди:
 – Мотор?! Моторданки гапирдинг, сендан минг йилдаям қассоб чиқмайди. Менга деса, мехайник бўлиб ўлиб кет.
 – Футболчилик-чи? Буям ҳавфли-ку – тайсалланди Қўчқорали. – Тепиб чўлоқ қилишса, кейин мени боқиб ўтирасиз.
 – Дарвозада турсанг, тепишмайди, – деб доноланди Қўзи қассоб. – Қолаверса, сен гувалакка бошқа нарсани уқтирмоқчиман, яъни мехайник бу – ўлгунча мехайник. Футболчи ўттиз ёшгача тўп тепади холос. Ўттиз ёшида ишсиз қолган одам қассоблик қилмай, қаёққа борарди? Ҳов, сендан охирги марта сўраяпман, тепасанми манавини, йўқми?
 – Бу бошқа томонданам жуда хатарли, дадагинам, – энди муғамбирликка ўтди Қўчқорали. – Мактабимизга бир дўхтир келиб, кўп овқат егандан кейин югуриш одамни оғир касалликка йўлиқтиради, деди. Овқатхўрлигимни билиб туриб, тўп теп, дейсиз-а!
Тўп бўлиб яралганимдан бери бундақанги танбални кўрмаган эдим. Тепса тебранмас деганлари шу бўлмай, ким? Қўчқоралига яна битта ўзибоп шерик топилса, улардан бемалол дарвоза устунлари сифатида фойдаланиш мумкин. Бунга ўхшаганларни майдоннинг четига етаклаб бориб, оғзига сақич солиб қўйсангиз бас, кавшанган куйи миқ этмасдан тураверишади.
 – Ўйнамасанг, ўзингдан кўр, – деди ҳафсаласи пир бўлган Қўзи қассоб. – Унда, бу тўпни Эмин этикдўзга бериб, махсимга ямоқ солдираман.
Бу дағдаға Қўчқоралига эмас, менга таъсир қилиб, капалагим учиб кетди.
 
Биқинимдан дарча очишмоқчи

Эмин этикдўз ковушнусха бурнининг учига кўзойнак қўндириб, менга узоқ тикилиб қолди. Кейин тирноғида этимни таталаб кўришга тушди. Ўзингиз биласиз, асосий вазифам – ҳар қандай тепкига ўз вақтида мослашиб улгуриш, лекин турли мақсадлардаги қитиқлашларга чидаш менинг бурчимга кирмайди. Шунга қарамасдан, бу ҳолга мардларча бардош бериб туравердим.
 – Шундай ажойиб терини тўпга ишлатиб, расвои олам қилишибди, – деб, Эмин этикдўз афсуснамо бош тебратди. – Одамларга футболдан нима фойда? Уларга пишиқ пойабзаллар керак.
У дамимни чиқариб юбориш учун биқинимга бигиз қадаган паллада, қўрқувдан этларим қалтирайверди, қалтирайверди, қалтирайверди. Сополдек карахтланиб қолганимга қарамай, жонажон ошнам Акмал қора билан хаёлан видолашиб олишни унутмадим.
Лаънати чипор товуқ! Ўша чурвақи жўжаларингни бир кун олдин, ё бўлмаса, бир кун кечроқ очсанг, ўлармидинг? Унда, тақдирим тамоман бошқача бўларди. Бошимга шунча кўргуликлар тушишига биринчи ўриндаги сабабчи сенсан. Молпараст! Олифтахон!
Шу маҳал бир пой ботинкани қўлтиқлаб олган жингалаксоч бола устахонага алмов-жалмов кириб келди. Киргач, аҳволимни кўрди-ю, кўзлари қинидан чиққудек бўлиб қийқириб юборди:
 – Ий-й-й! Тўхтанг!!!
Аксар ҳолларда бўлар-бўлмасга сарфланаверадиган қичқириқлардан бири бу сафар менинг ҳаётимни асраб қолди. Эмин этикдўз чўчиб кетди, бигизи қўлидан учиб тушиб, пастда шалвираб ётган маҳсининг нақ тумшуғига санчилди. Яхшиямки, маҳсини бизга ўхшатиб дамлашмайди. Йўқса, ҳозир “пис-с” этарди-ю, жони узиларди.
 – Кимсан, ҳей бола? – ёқасига туфлаб олиб, болакайга дўқ урди этикдўз.
 – Фарҳодман!
 – Фарҳод бўлсанг ўзингга! Устахонамда бақиришга нима ҳаққинг бор? Ана, кўргин, сени дастингдан ажойиб бир маҳсини ярадор қилдим. Ҳайриятки, шу топда уни ичида Қўзи қассобнинг оёғи йўқ. Бўлганда, кунингни кўрардинг, бола!
 – Ахир-р... тўпни тешманг-да, – бу гал мунғайиб сўзлади Фарҳод. – Бу... ваҳшийлик, Эмин тоға.
Эмин этикдўз ҳам ўзини босиб, осойишта гапиришга ўтди:
 – Балки, бу нарса сен учун тўпдир. Локигин, биз ямоқчилар ҳатто жаҳон биринчилигида ишлатиладиган тўпларгаям чарм деб қараймиз. Баски чарм экан, уни маҳсига ямоқ қилиш ҳеч қанақа ваҳшийликка кирмайди. Тушунарлими?
Уста шундай дея, бигизни қайтадан қўлга олганида, аъзойи баданимга тағин титроқ кирди. Иш бошқатдан чаппасига кетаётганини сезган Фарҳод бир лаҳза жовдираб тургач, шоша-пиша таклиф киритди:
 – Жон Эмин тоға, бунақа қилмай туринг. Сизга бошқа чарм топиб бера қолай.
 – Ўзинг-ку эски ботинкани қўлтиқлаб, саргардон юрибсан, – дея кинояли илжайди этикдўз. – Обрўйинг шу бўлганидан кейин, чарм топиб бераман деган гапингга қайси аҳмоқ ишонарди?
Фарҳод узоқ ўйланиб ўтирмай, қўлидаги ботинкани шартта унга узатди:
 – Мана сизга чарм! Ташвиш тортманг, дадам индамайди, ўзи янгисини обераман, деб юрувдилар.
Эмин этикдўз мени қандай текширган бўлса, ботинкини ҳам худди ўшандай синчиклаб кўздан кечирди. Менимча, ботинкани қитиқлаб ўтиришга сира ҳожат йўқ эди. Ана, ўзи шундайинам, оғзини йиғиштиролмай, тиржайиб турибди.
 – Биринчидан, бу даҳмазанинг оёққа иладиган жойи қолмабди, – дея муғамбирлик билан пешанасини тириштирди у. – Иккинчидан, фақат дарахтларгина бир оёқли бўлишади. Хуллас, манави «Ҳасан»и менда турсин, сен визиллаб бориб, «Ҳусан»иниям опкелгин-у, кейин тўпни қучоқлаб жўнайвер.
Фарҳод қувончини ичига сиғдиролмай, этикдўзнинг бўйнидан ачомлади:
 – Раҳмат, Эмин тоға! Мана кўрасиз, Ўзбекистон термасида ҳужумчи бўламан ҳали...
 – Оғзингни юм! – этикдўзнинг бирдан авзойи ўзгарди. – Терма жамоани гапирма менга! Уларга ишқивозланиб юриб, кенжа ўғлим юрак ўйноқ бўпқолди. Сенлар, вақти келиб, неварамниям инпарк қилмагин энди.
 – Унақа деманг, Эмин тоға, – баланддан келиб ваъда берди Фарҳод. – Биз ўйнасак, чемпион бўлмасдан қўймаймиз. Кўрасиз!
Эмин этикдўзнинг бу гапдан чеҳраси ёришиб кетди ва «Ма, олақол унда», деб мени Фарҳодга ирғитди. Болакай суюнганидан йиғлаб юборай деди. Балки, туғилганидан буён бунақа улгуржи саҳийликни кўрмагандир.
 – Эминжон тоғажон, раҳмат сизга, раҳмат! – деди у юраги ҳовлиқиб. – Ҳалиги... иккинчи пой ботинканиям ҳозир опкеламан!
 – Майли, тезда етказиб кел, – деди этикдўз. – Барибир унисиниям уёқ-буёғини кўриб қўйишим керак. Кейин... индинига опкетарсан... Тушунарлими?
 – Маҳси-чи? – меҳрибон устага жон тортишди Фарҳод. – Қўзи қассобнинг маҳсисини нимада ямайсиз?
Эмин этикдўз мийиғида жилмайди:
 – Бир иложини топармиз.
 – Ё ўчоғимизнинг олдидаги пўстакни келтириб берайми? – сўради Фарҳод. – Тўйимда сўйилган новвоснинг териси!
 – Э, йўқ, пўстакдан айрилса, энанг хафа бўлади, – дея дарҳол эътироз билдирди этикдўз. – Бор энди, тўпингни теп. Тушунарлими?
Бунинг нимаси тушунарли бўлмас экан? Фарҳод «Урре-е-й!», деб қичқирди-ю, ўн бир метрдан тепилган тўпдек, зувиллаганича ташқарига отилди.
Яшасин Эмин этикдўз ва унга ўхшаганлар!
 
Бирқулоқнинг ҳимояда ўйнагани

Фарҳод билан тезда дўстлашиб қолдик. У мени стадионга олиб бора бошлаганидан сўнг, баҳонада, Тепамаҳалладаги кўпгина болалар билан танишволдим. Гоҳида Акмал қорани эслаб, юрак-юрагим эзилиб кетишини ҳисобга олмаганда, кунларим анча қувноқ ўтаётган эди. Пайти келса, сурункасига беш-олти соатлаб ўйингоҳдан чиқмайман. Баъзан мен буёқда қолиб, футболчилар бир-бирларини копток қилишга киришиб кетишади. Буям қизиқ томоша!
Айниқса, кеча зўр ўйин бўлди-да. Аввалги куни бизникиларга тўрт-у эллик беш ҳисобида ютқазиб қўйган қуйимаҳаллаликлар бу сафар боплаб ўч олиш ниятида энг жирраки ўйинчиларини саралаб келишганди. Доимо ялангоёқ тўп сурадиган рақиблар шу куни калиш, ботинка, ҳатто этик кийиб олишибди денг. Дарвозабоннинг сумбатини кўриб, хоҳолагингиз келади. Ҳаво жизиллатиб турганига қарамай, бошида қулоғи туширилган телпак, эгнида қалин пўстин, пахтали шим устидан кийилган этигининг қўнжи тиззадан бир қарич баландда. Шу кепатада узунасига ёнбошлаб ётсаям, дарвозага гол уриш амримаҳол бўлиб қолади.
Шу қишлоққа келиб билдимки, тўп кимники бўлса, болалар ўшанинг гапидан чиқишмас экан. Аҳа шундан келиб чиқиб, Фарҳод эндигина учинчи синфда ўқиётганига қарамай, уни жамоага ўйинбоши қилиб сайлашганди.
Ўйинбоши, одатдагидек, кимнинг қаерда ўйнашини белгилаб бергач, болаларнинг ўртасида жанжал кўтарилди. Дастлаб, тўққизинчи синфдаги Воқишер норозилик билдирди:
 – Теракдай бўлиб мен дарвозада турарканман-у, биринчида ўқийдиган Кенжавой ҳужумда ўйнаркан-да? Жамоамиздаям инсоф қолмади, маҳалламиздаям.
Воқишер баҳонада юрагининг тубида ётган эски дардларини ҳам тўкиб солаётганди. Бундан уч кун аввал маҳалладаги тўйда чироқ ўчиб қолди. Пичадан сўнг ёнгач, мундоқ қарашса, келин-куёвнинг олдидаги стол устида Бирқулоқ лақабли барчага таниш кўппак бемалол варақисомса еб турибди.
Олишувларда рақибига тишлатиб ярадор бўлмаслиги учун эгалари жангчи итларнинг қулоғини кесиб қўйишар экан. Бу кўппакнинг ҳам кучуклик чоғида эндигина битта қулоғини кесганларида, қўлдан силтаниб чиқиб, ура қочган, шу куйи ҳеч кимга тутқич бермай, ягона қулоқ билан қолиб кетган экан.
Тўйни бошқариб турган оқсоқол Бирқулоқнинг бетамизлигидан қаттиқ ранжиб: «Бу маразни менга тиригича ушлаб беринглар!» – деб наъра тортди. Атрофдагилар дарвозани тақа-тақ беркитишиб, Бирқулоқни ғиппа қуршовга олишди. Девор остидаги кандикни тўсиб туриш Воқишернинг зиммасига тушди. Ана энди, «ҳаёв-ҳаёв» кучайиб, таъқибга учраган шўрлик ит циркдаги отга ўхшаб доира бўйлаб чопа кетди. Фақат, фарқи шу эдики, циркдаги от олқиш олса, бу итга кетма-кет тепки ёғилиб турди. Бирқулоқнинг аҳволи нақадар танг бўлмасин, бу ҳовлига қайси жойдан кириб келганини унутмаганди, қулай фурсат пойлаб туриб, ўзини яна ўша йўлакка, яъни девор остидаги кандикка урди. Бу паллада қўлидаги косачага бармоқ тиқиб, нишолда ялашга берилиб кетган Воқишер ғафлатда қолди. Муттаҳам итни беармон тепкилаш имконидан маҳрум бўлган эрмакталаб ўспиринлар энди хуморбосдига Воқишернинг чангини қоқа кетишди...
 – Бугун ўйин қаттиқ бўлади! – олимлардек қўлини осмонга бигизлаб, Воқишерга уқтирди Фарҳод. – Бугун кўп гол урганлар эмас, дарвозасидан кам тўп ўткизганлар
ютишади. Бундан чиқди, асосий гап дарвозабонда!
Буни эшитиб, Воқишернинг димоғи кўтарилди. Кеккайганича бориб, дарвозадан жой олган чоғда, худди доҳийларнинг ҳайкалига ўхшаб қолди.
Энг ташвишлиси – шу топда жамоамизга битта ўйинчи етмай тургани эди. Тепамаҳаллаликлар нима қилишни билмасдан, ўйланиб қолганларида, стадионнинг ёнидаги йўлакдан ўша Бирқулоқ итни эргаштириб олган сап-сариқ бола ўтиб қолди. Қуйиб қўйгандек менга ўхшайди!
 – Биз билан тўп тепсанг-чи, Ботир сариқ, – деди унга Фарҳод.
Ботир тўхталиб, қовоқ солиб кеккайганича, ўз талабини қўйди:
 – Ўйнасам, ҳужумчи бўламан!
Болалар бараварига кулиб юборишди.
 – Бўйи бир қарич-у, гапи қирқ қарич, – дея пичинг отди кимдир.
 – Бирйўла стадионга директор бўлақол, – деб ҳиринглади бошқаси.
Яна бирови илжайиб деди:
 – Боғчадаям амалинг каттами дейман? Хи-хи-хи...
Ботир сариқ жуда аразчи экан, қовоғи баттардан осилиб, индамасдан йўлга тушди. Бирқулоқ ҳам сал ириллаб қўйиб, эгасига эргашди.
 – Ҳимояда ўйнасанг, сенга конфет берардик, – Ботирнинг йўлини тўсиб, авради Фарҳод.
 – Конфетми, конфетларми? – хўмрайиб сўради Ботир.
 – Конфетлар, конфетлар, – шоша-пиша аниқлик киритди Фарҳод. – Камида олтита!
 – Конфетлар – Бирқулоққа, – деди Ботир. – Ўзимга ўнта ёнғоқ беришларинг керак. Ҳимояда мен... ёнғоққа ўйнайман.
Болалар ёнғоқнинг сонини сал камайтиришга уриниб кўришди. Ботир гапида қатъий туриб олгач, у билан оғзаки шартнома тузилиб, жамоамиз ниҳоят мусобақага шай қилинди.
Аввалда айтиб ўтганимдек, ҳаддан ташқари қизиқ, ҳаддан ташқари беаёв ўйин бўлди. Иккала маҳалланинг миллий терма жамоаси охирги томчи кучи қолгунча олишаверди, олишаверди, олишаверди, бу танаффуссиз ўйин бешинчи соатга етганида, ҳамма жой-жойида сулайиб қолди-ю, ҳакам ҳуштагини чалиб, ўзи ҳам «гуп» этиб ерга йиқилди. Лекин, бунгача ўртада қанча ишлар содир бўлди. Энг ёмони – олдинига жамоамиз ўн дақиқа ичида ўн битта тўп ўткизиб, ўзи биттаям уролмади. Қуйимаҳаллаликларнинг пўстинли дарвозабони сира ҳайиқмасдан ўзини оёқ остига ташлаши, гоҳ кикбоксингчиларнинг қўлқопида тўпни ураман деб, ҳужумчиларимизнинг жағига сопқолиши тепамаҳаллаликларни саросимага солиб қўйди. Кейин бунинг чораси топилди – дарвозани узоқдан мўлжалга олишлар бошланди. Рақиблар дарвозабони қўпол кийимда чуваланиб, то ўзини ерлатиб тепилган тўпга ташлагунча уч қошиқ мураббо ялагулик вақт ўтарди. Ҳужумчиларимиз шундан фойдаланиб, голни ёмғир қилворишди.
Хуллас, қуйимаҳаллаликларнинг ботинка ва етик кийиб келганлари ҳам наф бермади. Қайтага, олдинги кундагидан-да баттар бўлишиб, 48:91 ҳисобида ютқазишди. Манавини тор-мор қилиш дейдилар!
Ботир сариқнинг Бирқулоғи рақиб ҳужумчиларига эгаси билан бирга ташланиши ҳимоячиларимизнинг ишини янаям осонлаштирган эди. Шу боис, ўйиндан кейин Бирқулоққа конфет ёғилиб кетди, аммо Ботирга ваъда қилинган ёнғоқ масаласи ҳал этилгунича, анча сансалорчилик бўлди. Сабаби, ёнғоқ пишиғи ҳали бошланмаган, ўтган йилгилари эса, болаларга аллақачон ем бўлиб кетган эди. Охири, кузда ўнга ўн беш қилиб қайтариш шарти билан, Маназар аттордан қарз олишга тўғри келди.
Аслида-ку, Ботирни кузгача сабр қиптуришга кўндириш ҳам мумкин эди, лекин у: «Агар ваъдаларингни бажармасанглар, келаси сафар қуйимаҳаллаликларга қўшилиб ўйнайман», деб дағдаға қилгач, ҳамма типирчилаб қолди. Ботирнинг ўзи ўйинчи сифатида бир пулга арзимасаям, уни Бирқулоқ ити билан бирга рақиблар сафида кўриш ғирт таъби хиралик эди. Хайрият, ўнта ёнғоқнинг эвазига катта бир балодан қутулиб қолдик.
 
Диққатпазлик

Янги ошнамга эндигина эликиб, кунларим хушчақчақ ўтаётган дамларда, кутилмаган воқеа юз берди. Таътил бошланиб, мактабдаги кўпчилик болалар қаторида Фарҳод ҳам ўқувчилар оромгоҳига жўнайдиган бўлди. Ҳойнаҳой, мениям бирга опкетса керак деб ўйлагандим, афсуски, умидим чиппакка чиқди. Ойиси болакайнинг осмахалтасига кийим ва егулик нарсаларни шунақаям кўп тиқиштирдики, у ерга нафақат мен, ҳатто бир дона гилос сиғмаган бўларди. Фарҳод ёлғизликдан зерикиб қолишимни ҳис этди шекилли, ҳайтовур, сал одамгарчилик қилиб, мени қўшни ҳовлида яшовчи Дилдора деган қизалоққа ташлаб кетди.
Сенга жон-у дилидан меҳр қўйган дастлабки ўртоғингдан бирон тасодиф туфайли айрилиб қолсанг, кейинчалик йўл-йўлакай учрайдиганлар орасидан ишончли дўст топиш ғоятда қийинлигини энди англаб етдим. Ўзингиз айтинг-чи, агар Фарҳоднинг ўрнида Акмал қора бўлганида, мева-ю ширинликларни деб, мендек ошнасини ташлаб кетармиди? Йўқ, бир-икки кунга асқотадиган емишларнинг қадрини мендек доимий шерикдан юқори қўймасди. Мени сотиб олгунча қанча қийинчиликларга чидаган қадрдоним аккашни ҳатто бир сандиқ хўрозқандга ҳам алмашмаган бўларди.
Тақдир экан, келиб-келиб, қиз бола билан муроса қилишга мажбур бўпқолдим. Мундоқ ўйлаб қаралса, қиз боланинг футбол тўпига нима алоқаси бор? Кичикроқ кигиз тўп бўлса, бу бошқа гап – теннис ўйнаш, ҳартугур, уларнинг қўлидан келади.
Дилдора олдинига мени ерга дўпира-дўпир уриб ўйнаб юрди. Билакчаси оғрий бошлади шекилли, алмак-жалмак тепиб ҳам кўрди. Ойиси қўғирчоқ олиб берганидан кейин, мени ҳовлидан кесиб ўтадиган ариқнинг ёқасига ташлаб қўйганича, қайтиб ёнимга йўламади. Чок-чокимга зах ўтиб, беҳад ланжлашиб қолдим.
Бошга тушганни кўз кўрар деб, бўшашиб ётавердим. Бир куни худонинг раҳми келди-ю, шамолини жўнатиб, мени ариққа юмалантириб юборди. Шалоплаб сувга тушдим. Энди буёғидан ташвиш тортманг, чўкмасдан сузишни бизга чиқарган!
 
Тасодифий саёҳат

Шундай қилиб, сув етаклаган томонга қараб оқиб кетавердим, кетавердим, кетавердим. Йўлда учраган ҳар хил шовваларда бир-бир шўнғиб, бинойидек чўмилиб ҳам олдим. Озгина совун топилса-ку, қозондан чиққан бўғирсоқдек бўпқолардим-а.
Ариқнинг тўлқинчалари аллалагани сайин бирам уйқу тортадики, мириқиб эснай десам, оғзимни тикиб ташлашган. Гоҳида у ёки бу қирғоққа яқинлашиб қолсам, ялпизлар эркалатгандек юзимни сийпалаб қўйишар, бу менга жудаям хуш ёқарди.
Бир пайт, оқиб бораётиб, узоқдан қассобхонага кўзим тушди. Қассобхона биқинидаги сўри шундоққина ариқнинг ёқасига ўрнатилган бўлиб, унинг бир томонида Қўзи қассоб тарвайиб ўтирган куйи қўлидаги маҳсининг ямалган жойини диққат билан кўздан кечирар, иккинчи тарафда чордана қурган Эмин этикдўз унга нималарнидир уқтирар, бурчакка чўккалаб олган Қўчқорали бўлса, қўлидаги катта бир устихоннинг илигини қоқиб ейишга уринаётган эди.
Кўнглимда сув остига шўнғиб, уларга кўринмасдан ўтиб кетиш истаги туғилди. Аммо, дамланган ҳолатимда шўнғишнинг сира иложи бўлмади. Бир маҳаллар, қачон ҳавога тўяркинман, деб ўксинардим, ҳозир еса, бундан пушаймонда эдим.
Биринчи бўлиб, мени Қўзи қассоб илғади.
 – Ие! – дея ўрнидан туриб кетди у. – Тузлаб топширган териларимдан биттасини худойим машинада жўнатганиди, буниси сувдан келяпти-ку!
Эмин этикдўз бурнининг учидаги кўзойнакдан менга синчиклаб тикилди:
 – Бу тиниб-тинчимас тўп яна қаёқдан келяпти? Ҳе, аттанг, шундай тоза чарм нам тортиб, расво бўпти-я.
 – Қани, тур, Қўчқорали! – ўғлини шитоблади Қўзи қассоб. – Шуни тағин қўлдан чиқарсанг, икки кун овқатдан тортиб қўяман.
Устихонни ҳакамнинг ҳуштагига ўхшатиб оғзига тиқиб олган Қўчқорали нонуштага ноилож барҳам бериб, эринибгина сўридан тушди. Ариқнинг бўйига келиб, бир қўлида толнинг томирини ушлади-да, иккинчисини менга чўзди. Эндигина биқинимга чангал солганида, бирдан томир узилиб, «Дадагинам!» – деганича ариққа йиқилди. Қўзи қассоб ношуд ўғлини қутқаришга ошиқди, мешдай қорнини селкиллатган асно югуриб келди-да, янги қурилган кемадек бўлиб, ўзини сувга ташлади. Ота-бола тарвуз билан ҳандалакдек бўлиб оқиб бораётгани Эмин этикдўзга наша қилди шекилли, қотиб-қотиб кулишга тушди.
Энг ҳавфли душмандан қутулганимга шукур қилиб, чирпираб-чирпираб сузиб кетавердим. Қишлоқ тугаб, кўм-кўк рангга бурканган далалар бошланди. Ғўзаси кўсаклай бошлаган пайкаллар ёқасидан оққаним сайин, суви ҳар хил шохобчаларга бўлинаётган ариқ тобора саёзлашиб бораверди. Охири, шу ерларда қумга ботиб қопкетмасайдим, дея безиллаётганимда, мени зўрға судраб кетаётган сув бошқа бир ариққа келиб қуйилди. Янги ариқнинг суви ўта лойқа бўлса ҳам, тез оқиши билан менга ёқиб қолди. Ўзингни ивитганга яраша, сузиш сузишдек бўлиши керак-да.
Осмондаги қалдирғочларнинг ҳашарот тутишини томоша қилиб, анча алаҳсиб қолибман. Бир маҳал, мундоқ пастга қарасам, теварагимда бошқа бир қишлоқ турибди. Бу жойлар, негадир, кўзимга иссиқ кўриниб кетди.
Навбатдаги шоввада яйрабгина шўнғиб олгач, нарироқдаги кўприкнинг устида хомуш ўтирган болага кўзим тушди-ю, довдирагандек жойимда бир лаҳза айланиб турдим. Кимни учратганимни, айтмасимдан илгариёқ сезиб олгандирсиз – ҳа, бу бола ўша эски қадрдоним Акмал қора эди!
Акмал ҳам мени кўрган заҳоти, кўзларига ишонмай, қовоғини бир ишқалаб қўйди. Кейин қувончдан қичқириб юборди:
 – Сариқ тўпим! Тўпжоним қайтиб келди!
Акмал сувга эгилдими, ё бўлмаса, тўлқинга қўшилиб, ўзим унинг бағрига отилдимми, бунисини аниқ эслолмайман. Дўстим «чўлп» этказиб пешанамдан ўпганимдан кейингина ўзимга келдим. Болапақир: «Тўпгинам! Сариққина тўпжоним!» – дея мени бурушта бағрига босарди. Мен ҳам тўлиқиб кетиб, йиғлайвердим, йиғлайвердим, йиғлайвердим, бир вақт қарасам, ўртоғимнинг кўйлагини шалаббо қилиб юборибман...
Мана, бир ҳафтадан буён яна Акмал қора билан биргамиз. Унинг ёнида бўлиш мен учун нақадар завқли эканини сиз тасаввур қилолмайсиз. Чунки, бунинг учун олдин энг жонажон ўртоғингизни йўқотиб қўйиб, уни ичикиб-ичикиб соғинишингиз, кейин қайтадан топишганда, дийдор кўришмоқликнинг ҳузурини шахсан ҳис этишингиз керак бўлади.
Биламан, ичингизда: «Эҳ, нодон тўп, худди бошқалар тепади-ю, Акмал бўлса сени силаб-сийпалайдигандек севинасан-а», деб турибсиз. Тўғри, Акмал қора ҳам мени тепади, аммо гап бунда эмас. Биринчидан, биз тўплар азалдан тепкиланиш учун яралганмиз. Буни, хоҳласак-хоҳламасак, тан олишга мажбурмиз. Қолаверса, кимдир сени юрак-юракдан яхши кўришини, сени ҳеч қачон, ҳеч нарсага сотмаслигини доимо ҳис қилиб турсанг, ҳатто унинг тепкиси ҳам кўнглингга оғир ботмас экан.
 
 1982-1984 йиллар.
 
ПАШШАВОЙНИНГ БОШИДАН КЕЧИРГАНЛАРИ

МИТТИ РОМАН-ФОЖЕА

I ҚИСМ

ХОНАДОННИНГ ЕМИРИЛИШИ

Биринчи боб

Узоқ-яқиндаги одамлар иложи борича «Шарқ» ошхонасида овқатланишга ҳаракат қилишади. Чунки, бу ердаги таомлар хилма-хил, энг муҳими – жудаям арзон. Биз ана шу ошхонанинг шипидаги кандикда яшаймиз.
Одамларнинг феъл-атворига сира тушуниб бўлмайди. Очқаган пайтларида ошхонага мунғайиб кириб келишади-ю, қоринлари тўйгач, бирдан гердайишиб, ичкиликбозлик қила бошлашади. Бирпасдан кейин қарабсизки,бири чиябўридек увласа, бошқаси қўтосдек бўкириб турибди. Аямнинг айтишича, пашшалар орасидан чиққан арақхўрлар ичишни шунақа одамлардан ўрганишган экан.
Арақхўр пашшалардан биттаси – менинг дадам. Кунига кайфи тарақ келиб, аям бечорани дўппослагани-дўппослаган. Уйимизда тинч кун йўқ. Акамнинг жаҳли чиқиб, дадам билан бир-икки марта айтишиб ҳам қолди. Аям, ўзи ҳозиргина калтак еган бўлса-да, дадангнинг кўзига ҳеч қачон тик қарама, деб акамни койиб берди. Ҳайрон қоладиган ҳол, тўғрими?
Аммо, қанчалар дағаллиги қўзимасин, дадам менга сираям тихирлик қилмайди. Аксинча, мени бўлар-бўлмасга эркалатаверади.Бу қанчалар ёқимли туюлмасин, барибир юрагимнинг бир чети ғашлигича тураверади. Ахир, аянг пиқиллаб ўтирганида, эркаланиш кўнглингга сиғармиди?
Арақ деганлари жуда касофати нарса экан. Соғ-саломат улғайиб олсам, шу лаънатининг яқинига йўламаганим бўлсин-ей!
 
Иккинчи боб

Бугун кунботарга яқин дадам шўрлик қадаҳга қуйилган араққа чўкиб кетиб, оламдан ўтди. Аям билан акамга қўшилиб мен ҳам роса йиғладим. Қанчалар жанжалкаш бўлмасин, дадам биз учун ниҳоятда азиз эканлигини шу топда тушуниб етдим.
– Раҳматлининг ўзиям кейинги вақтларда ҳаддидан ошиб кетувди, – дея куйинди аям. – Авваллари арақ юқи идишларни ялаб юрарди. Бора-бора, қадаҳларга одамлардан олдинроқ тумшуқ суқадиган бўлди.
Кейин у содда пашшаларни йўлдан оздираётган майхўр одамларни бўралаб қарғай кетди.
Умримда бир марта бўлса ҳам катталарга ақл ўргатгим келиб, «яхшиси, одамлардан узоқроққа кўчиб кетиш керак», деб гап қистирдим.
– Бу жойлар бизники! – бирдан ўдағайлаб берди акам.– Одамлар бутун бинони сурбетлик билан эгаллаб, бизни кавакка тиқиб қўйишди. Аксинча, келгиндиларнинг тинимсиз ғашига тегиб, бу ердан бездиришимиз керак.
Ҳақиқатан ҳам, туғилмасимдан анча илгари «Шарқ» ошхонасида фақат пашшаларгина яшашар экан. Бу ерга даставвал ошпазлар бостириб киришибди, сўнг хўрандалар келадиган бўлибди.
– Энди уларни ҳайдаб бўпсиз, – дедим акамга. –Ишқилиб, ўзимизни тирақайлатиб қолишмаса бўлгани.
Акам «қисматда борини кўрамиз», дея бепарво қўл силтади. Ундан: «Қисмат нима?» – деб сўраган эдим,ўқрайиб туриб: «Энанг!» – деди. Демак, акамнинг бундан олдинги гапини «энамизни кўрамиз» деб тушуниш керак бўлади.
 
Учинчи боб

Дадамнинг вафот этганига ҳали кўп бўлмасидан, уйимизга совчилар кириб келишди. Новвойхонадаги тандирнинг ёнида яшайдиган қари пашша аямни ёқтириб қолганмиш. Унинг кампирини бир яллачи қурбақа кап отиб қўйганини эшитгандай бўлувдим.
– Ўша уятсиз чолни бошимга ураманми? – деди аям.– Унга тул қолган биронта Итпашшани топинглар!
Безбет совчиларни аям тузлабгина жўнатганини кўриб, жуда завқланиб кетдим.
Совчилардан эндигина қутулиб турганимизда, акамнинг Лайзон исмли ўртоғи уйимизга гандираклаб кириб келди-ю, гурсиллаганича ерга йиқилди. Аям уни қаноти билан елпиб туриб, нима бўлганини суриштирди. Лайзон қисқа-қисқа нафас оларкан, узуқ-юлуқ тарзда тушунтира бошлади.
Унинг айтишига қараганда, акам жангари ўртоқларини йиғиб, одамларга қарши курашувга етаклабди. Одамлар олдинига бу хуружларга парво қилмаётгандек кўринишибди. Кейин, оқ кийимли кимса келиб, пашшаларнинг устидан аллақандай сассиқ дорини пуркашга тушибди.
– Шерикларим тутдек тўкилиб қолишди, – ҳансираган куйи, алам билан ингради Лайзон. – Бу одамзот дегани охири ҳаммамизни битта қўймай қириб ташлайди!
Лайзоннинг кўзларида ёш йилтиллади. Бир-икки марта чуқур-чуқур нафас олди-ю, қанотини қаттиқ зириллатиб, оёғи осмондан бўлганича миқ этмай қолди. Акамнинг ўлганини билиб, аям беҳуш йиқилди. Мен: «Ака!Акажоним!» – дея йиғлаб, ташқарига отилдим. Ҳўнграк отиб учиб борарканман, Лайзоннингсўнгги гапи қулоғим остида қайта-қайта жарангларди: «Бу одамзот дегани охири ҳаммамизни битта қўймай қириб ташлайди! Битта қўймай қириб ташлайди!! Қириб ташлайди!!!»
 
Тўртинчи боб

Ё дадамдек арақхўр, ё акамга ўхшаган уришқоқ бўлиб кетишимдан чўчиди шекилли, аям ошхонада овқатланишимга рухсат бермай қўйди. Қорнимиз очса,тамаддиланиб олиш учун мени бошқа жойларга бошлаб борадиган бўлди.
Қимирлаб турган қисиниб ўлмас экан– гоҳ чойхонадан ризқимизни топамиз, гоҳ молхонадан. Бир куни тушликда аям иккаламиз итялоққа бориб қўндик. Балки сиз итдан нимаям ортарди, дерсиз. Ювилмаган идиш борки,у ерда биз ғарибларга яраша овқат топилади. Кекса пашшалар айтганидек, ҳали ҳеч ким ювилган итялоқни кўриш шарафига муяссар бўлмаган. Шу боис, ҳеч бир жойдан овқат топилмаган маҳалда, узоқ ўйлаб ўтирмасдан, ё итялоқни, ё бўлмаса, бет-қўли шатмоқ болани ахтариб қоламиз.
Хуллас, аям икковимиз итялоққа тушиб олиб, бошқа пашшалар билан эш-қўш тирикчилик қилишга киришдик. Биров бировга халақит бермай, ҳар ким ўзининг олдидагини таламонлаб турган вақтда, қандайдир бефаросат одам устимиздан ювинди қуйиб юборса бўладими. Йирик махлуқлар «ахир бу миттиларнингҳам жони бор-ку», деб ўйлашмас экан. Қочган қочиб қолди, қочолмаганлар ювинди ҳисобида Тўрткўзга ем бўлди.
Оҳ, шўрли аягинам! Ҳозир у ўша итваччанинг ошқозонида питир-питир сузиб юрганмикин? Балки, аллақачон ҳазм бўпкетгандир...
Уйга қайтиб келганимдан сўнг юрагимни негадир ваҳима босди. Ҳувиллаган хонада тун бўйи мижжа қоқмай ўтириб чиқдим.Кўзим юмилди дегунча, тушимга Тўрткўзнинг тишлари киради-ю, бир сесканиб кетаман.
Шу дамда мендан дунёдаги энг даҳшатли нарса нима, деб сўрашса,сира иккиланмасдан: «Ёлғизлик!» – дея жавоб қилган бўлардим.
 
II ҚИСМ

ДАРБАДАРЛИКДА

Биринчи боб

Поччам билан опам келиб, мени ўз уйларига олиб кетишди. Туғилган жойимдан узоқлашар эканман, ўзимни худди яна бир жигарбандимдан жудо бўлгандек ҳис этдим. Бу – уқубатли дарбадарликнинг бошланиши эканлигини ўшанда билмагандим...
Опамлар бир бой одамнинг данғиллама уйидаги қимматбаҳо жавон ортида туришаркан. Хонага кириб, оғзим ланг очилиб қолди. Деворнинг эшик-деразаларидан бўлак ҳамма жойига гиламлар қоқилган, шипдаги нақшларкўзни қамаштиради, идиш-товоқдан тортиб қошиқ-чўмичгача – бари ялт-юлт қилади.
Борган куним катта зиёфатнинг устидан чиқиб қолибман. Ўша бадавлат одам эндигина эмаклаётган ўғлининг туғилган кунини нишонлаш баҳонасида ўз улфатларини йиғиб, катта исрофгарчиликлар қилаётган экан. Дастурхонда оймомодан бошқа ҳамма нарса бор денг.
Поччамнинг қари бувиси билан бирга у таомдан бу таомга сакраб юриб, роса яйрадик. Шўрва ичдик, оҳ, оҳ, оҳ, қовурма едик, оҳ, оҳ, оҳ, хорижий балиқнинг ивилдириғидан тотдик, оҳ, оҳ, оҳ, асал яладик,оҳ, оҳ, оҳ... Чанқаб кетиб, олма шарбатига тумшуқ тиққан чоғимда очкўз кампир «юр,анави мураббониям синаб кўрайлик-чи», деб елкамга турткилади. Унинг кўнгли учун бориб, мураббога ҳам оғиз теккизган бўлдим.
Мураббохўрлик қилиб турганимизда, кайфи ошиб қолган одамлардан биттаси: «Қуй қуядиганингни!» – дея ҳайқирганича столни муштлади-ю, мурабболи пиёлани ағдариб юборди. Мен-ку тепага бир сапчиб, осонгина қутулдим, бироқ поччамнинг бувиси мураббога аралашиб кетиб, димиқиб ўлди. Буни биров сезмадиям, ачинмадиям.
Биламан, сезганларидаям барибир ачинишмасди. Улар бизни азалдан ёмон кўришади, иркит махлуқлар деб ижирғанишади.
Бу воқеадан кейин поччам «ҳе, пойиқадамингдан ўргилдим», дегандек менга совуқ қарайдиган бўлиб қолди. На илож, ўқрайса ўқрайиб юраверсин. Энди поччадан қўрқиш етмай турувди менга.
 
Иккинчи боб

Дод-войни эшитиб, зинғиллаганимча қўшни хонага кириб бордим. Кириб қарасам, опам бечора устига алланарса суртиб қўйилган қоғозга қўниб олиб, зириллаб турибди. У жон-жаҳди билан тинмасдан қанот қоқар, лекин ҳарчанд чиранмасин, оёқларини қоғоздан узолмасди.
Шу паллада қаёқдандир поччам келиб қолди. Ўша сирли қоғознинг теварагида бир-икки айланиб чиқиб, тумтайган ҳолда ёнимга қўнди.
– Одамлар бизга қарши елимли дори ишлатишяпти,– деди у. – Опангни туғма каллаварамсан десам, жириллаб айюҳаннос соларди. Мана,ўзинг кўриб турибсан, эси жойида бўлса, келиб-келиб, ёпишқоқ қоғозга қўнармиди?
Опамга кўмаклашиш учун эндигина қўзғалмоқчи бўлганимда, поччам шоша-пиша йўлимни тўсди:
– Нима бало, жонингдан тўйдингми? Ҳе,тирранча!
Поччам шундай дея, мени қанотлари орасига маҳкам қисиб олди. «Қўйворинг мени, қўйворинг!» – дебқанча типирчиламай, эзғилаб ушлаб тураверди. Опамга раҳмим келиб, кўзларимдан ёш тирқиради.
– Ўзингни ўйласанг-чи, ука, – менга жони ачишган бўлди поччам. – Опанг энди пешанасига ёзилганини кўради.
У сўзини тамомламай туриб, шўрпешана опам елимга бутунлай қоришиб кетди. Поччам ниҳоят мени қўйиб юбориб, хомушланган кепатада бошини эгди.
– Мен ҳақимда ёмон ўйламагин, – кўзимга қарамай, аста гапирди у. – Опангга ёрдам беришим мумкин эди. Лекин, унда, севимли поччангдан ҳам айрилиб қолган бўлардинг.
Севимли эмиш! Бунақа сўтакни қайси аҳмоқ ёқтираркан?
Нима бўлгандаям, куним шу қўрқоққа қолди...
 
Учинчи боб

Ҳовлидаги лайчанинг «вак-вак»лашини эшитиб, сўлактумшуқ Тўрткўзга ем бўлган раҳматли аям беихтиёр эсимга тушди. Дераза токчасидаги телефонга қўниб олиб, эзгин-эзгин йиғлай бошладим. Агар, меҳрибон аяжоним тирик бўлганида, ҳозиргидек оч-наҳор ўтирармидим? Ўзи емаса емасдики, бирор нарса топиб, папалаганича оғзимга тиқарди.
Эшикнинг тирқишидан чимрилиб кириб келган поччам йиғлаётганимни кўриб, телефон ёнидаги китобга келиб қўнди-да: «Нега хуноб бўляпсан?» – деб сўради. Мен гапни чўзиб ўтирмай, қорним сурнай чалаётганини айтдим.
– Жудаям бўшанг бола экансан! – дея койиб берди поччам. – Шуни эсдан чиқармагинки, яхшилаб қидирилса, туядек жойдан куядек ушоқ ҳамма вақт топилади. Ушоқнинг ўзи пашшани ахтариб келганини ҳали ҳеч ким кўрмаган. Ваҳоланки, сен тенгилар...
Яна нималар демоқчи бўлувдийкин – буни биргина поччамнинг ўзи билади. Унинг насиҳати чала қолди. Хонада ивирсиб юрган семиз хотин қўлидаги чармшалпилдоқни бир силтади-ю, поччамни китобга паққос чаплаб қўйди. Ҳозиргина кеккайиб ваъз айтаётган пашшанинг бирдан чалпакка айланиб қолганини кўриб, кўнглим баттардан бузилиб кетди.
Шунда ўйланиб қолдим – поччам-ку барибир ўлар экан, ўшанда опамга кўмак бериб, мабодо омади келмаса, елимга бирга қоришиб кетаверса бўлмасмиди? Тўғри, бир неча кун олдинроқ ўларди, лекин ўзидан яхши ном қолдирарди. Унинг бу ишини бошқа пашшалар узоқ-узоқ вақтгача эслаб, бола-ю невараларига ҳам гапириб юришарди.
... Бу оламда ҳеч кимим қолмади.
 
Тўртинчи боб

Ҳақиқий дарбадарлик бошланди. Кўп жойларда бўлдим. Аҳволингни сўраб, дарддошлик қиладиганлардан кўра, сени ноҳақ масхаралаб ёки дўппослаб, ўз кўнглини хушлайдиганлар тоифаси кўпроқ экан. Ҳамма махлуқ ўзининг ўрнига бегонани қўйиб кўролса-ку, олам гулистон бўларди-я.
Бир куни санғиб юриб, ўзимдан пича ёшроқ Пашшаой билан танишиб қолдим. У бошпанасиз етимча эканлигимни эшитиб, жуда ачиниб кетди. Умрим бино бўлиб, бундақанги раҳмдил қизни кўрмаган эдим. Раҳмдиллар олижаноб бўлишади деганлари тўғри экан, у мени меҳмондорчиликка таклиф этди.
Оч бўлганим учун уялиб ўтирмадим.Унга эргашиб, қассобхонага кириб бордим.
– Биз ҳў илгакнинг тепасидаги тешикда турамиз,– деди Пашшаой. – Хоҳласанг, аввал шу ерда бир гўштхўрлик қилиб олайлик. Кейин уйимизни кўрсатаман.
Олдин қорин тўйдириб олинмаса, ҳар қандай томоша ҳам юракка сиғмаслигини мендан тузукроқ биласиз. Шу туфайли, Пашшаойнинг сўзига тезда кўниб қўяқолдим.
Эндигина гўштга бориб қўнган эдик, орқамиздан бир Қовоғари дириллаганича келиб қолди. Мен зўр бериб қассобнинг бурни атрофида айлана бошладим. Чунки, одамлар паскаш ариларни ўзларининг муқаддас бурунларига ҳеч қачон яқин йўлатишмайди. Буни ёшлигимда дадамдан эшитганман.
Ҳа, мен устамонлик билан қутулибқолдим. Аммо, Пашшаой нодонлик қилиб, қайроқтошнинг панасига яширинмоқчи бўлди-ю, Қовоғарининг чангалига тушди. Олижаноблар содда бўлишади деган гап ҳам тўппа-тўғри экан.
Донолар айтганидек, бу дунёда истаганча душман орттириш мумкин-у, бироқ дурустроқ дўст топиш жуда мушкул. Мен зўрға битта дўст орттирганимда, шу заҳотиёқ ундан айрилиб қолдим.
Шу пайт жангари акамнинг қачонлардир гапирган бир сўзи тўсатдан эсимга тушди. «Қисматда борини кўрамиз», деган эди у. Ўзингни қисматнинг оқимига ташлаб қўйиб, анқайиб юраверсанг, яшашдан нима маъни чиқади? Қизиқ!..
 
Хотима

Мен бу «роман»ни бахтсиз бир Пашшанинг чўнтагидан топилган ёндафтарчадаги эсдаликлари асосида ёздим.
Мусибат ҳақида гапириш қанчалар оғир бўлмасин, ахборотингиз учун яна бир нарсани билдириб қўйишим шарт: ўша дарбадар Пашша 1978 йилнинг саккизинчи августида мен тановул қилиб турган қайноқ шўрвага тушиб, фожиали ҳалок бўлди...
1978 йил
 
АТРОФИМИЗДАГИ ҚИЗИҚЧИЛАР

ЮМОРИСТИК ТУРКУМ

Кучукнинг ҳикояси

Ўртоғинг ярамасроқ бўлса, орани очиқ қилиб қўйиш осон – пайт пойлаб туриб, унга итқитилган суякни олиб қочсанг бас, сен билан бир умрга салом-аликни йиғиштириб қўяқолади. Лекин, ўз туғишган опанг бўлмағур чиқса, вов-вов, бундан қутулишнинг иложи йўқ экан.
Дарди бедаво-дашу опам. Менга сира кун бермайди. Сал-пал эсимда бор, жишлик чоғимизда ҳам аямни аввал у эмарди. Аслида, ёнма-ён эмсак тузук иш бўларди-ю, аммо бунга кўнмасди у ярамас. Кўпинча очлигимча ухлаб қолардим.
Мана, занжирга боғлансак боғлангудек бўпқолдик. Биз тенгилар аллақачон алоҳида итялоқ қилишиб, одамларнинг уйини пойлашяпти. Уларга қараб, ҳавасинг келади. Опамнинг бўлса, ҳали-вери эси кирадиганга ўхшамайди. Вой унинг очкўзлиги! Вой унинг жирттакилиги!
Гапини қаранг,«қиз боламан, шунинг учун идишни мен тозалашим керак», дейди. Ўзингиз ҳам тушуниб тургандирсиз, идишни тозалаш, бу – итялоқдаги ювиндини пок-покиза ялаб қўйиш дегани.
Дастурхон қоқилиши биланоқ, қолган-қутган нонларгаям биринчи бўлиб у хоним чанг соладилар. «Ҳей, уятсиз, энди буёғини менга қўйиб бер-да», десам, «ўғил боласан-ку, сен суякниям ғажийверасан», деб сурбетларча кавшанишга тушади. Ҳеч бўлмаса, улгуржироқ суяк тегиб турса ҳам майлийди. Қаёқда дейсиз, ҳозирги қассоблар ниҳоятда ноинсоф бўлиб кетишган, бир кило гўштга бор-йўғи ярим кило суяк қўшишади.
Уф-ф, жуда ҳайрон бўпқолдим. Ё уйдан шартта бош олиб кетворсаммикин? Бунақа опа билан, масалан, сиз бир кун ҳам яшолмаган бўлардингиз...
Мана, азбаройи қорним очганидан, бармоғимни сўри-и-б ўтирибман. Опам бўлса, «чилип-чилип, чилип-чилип»латиб идиш тозалаяпти. Бир нарса деяй десам, яна қиз болалигини пеш қилади. Ҳе, бетинг чармдан бўлмай кетгур!
...Ишқилиб, сен укангни хафа қилмаяпсанми, қизалоқ? Ё одамларнинг болалари ҳам бизга ўхшаганроқми?
 
Қарғанинг ҳикояси
 
Қағ-ғ! Ишлар чатағ-ғ! Қағ-ғ! Қағ-ғ-ғ!!!
Ҳой, аҳволимни сўраб нима қиласан? Ўргилдим сендақанги меҳрибондан. Нима, айтганим билан ярим дардимни тортишиб берармидинг?
Қағ, қағ-ғ! Вой,аблағ-ғ! Биқинимни еди-ку бу аблаҳ Қорамош!
Мабодо, сеники эмасми ўша юмдалоғич иблис? Ҳалиги қора Мушукни айтаман-да. Бу бефаросатни авваллариям ёмон кўрардим. Боя ўрикнинг шохида қиров ялаб ўтирсам, барака топкур Лайчавой уни зинғиллатганича қувиб ўтиб қолди.
Ана энди Қорамошнинг ҳолини томоша қил – қўрқувдан жунлари тиккайиб, кўзлари ола-кула бўпкетибди. Оёғи ерга тегмайди. Шу қочишда қочиб бориб, ўзини бостирманинг остига урди. Бостирманинг четига бир уюм хазон тўплаб қўйилган, ивитиб қўйга бериб туришади-да. Қорамош борасолиб, худди ўша хазоннинг ичига кириб кетди. Дарахтнинг устидан кўриб турмасам экан!
Қарасам, Лайчавой гарангсиган тахлитда ивирсиб қолди. Бу ишга шахсан ўзим аралашмасам бўлмайдигандек туюлди. Бориб, яқинроққа қўндим-у, гўё ҳеч нимадан хабарсиздек, бепарво сўрадим:
– Хў-ў-ш... Бу ерда нималар бўляпти ўзи, Лайчавой?– дедим.
– Мушукни қувиб юриб, шу жойда йўқотиб қўйдим, – деб акиллади Лайчавой. – Ўша хумпарни тутиб думини юлмасам, ит эмасман деб қасам ичганидим.
– Доноларнинг гапига қараганда, биров билан ўчакишиш умуман яхши эмас, – дея гердайдим мен. –Минг афсуски, оғзингга қалтисроқ сўз олиб қўйибсан. Энди «ит» деган табаррук номни астойдил ҳимоя қилмоғингга тўғри келади. Бинобарин, шундай экан, сен паҳлавонзода...
Гапни ортиқча чўзганим Лайчавойга ёқмади шекилли, сўзимни шартта бўлиб, «Олимлигингни йиғиштир! Қорамош қаерга беркинганини кўрдингми, йўқми?» – деб ириллади.
– Кўришга-ку кўрмадим-а, – дедим, ҳануз сатангланишни қўймай. –Лекин, фаросатни ишга соладиган бўлсак, калаванинг учини топмоқ мумкиндир. Яъни, Қорамош каламуш эмаски, кавакка кириб кетса. Агарда ақлим панд бермаса, у хазоннинг ичига беркинган бўлмоғи эҳтимолдан холи эмас.
Ҳали гапимни тугатганим йўқ эдики, Қорамош хазон¬нинг орасидан ўқдек сапчиб чиқиб, устимга отилди.Лайчавой ҳам, мен ҳам ўзимизни ўнглашга улгурмай қолдик. Баттол мушук: «Мана сенга,чақимчи!» – деди-ю, биқинимга бир тирноқ уриб ўтиб кетди. Юлинган патларимни тўзитиб,зўр-базўр ҳавога кўтарилдим. Лайчавой уни яна қувишга тушди.
Вой, биқингинам-ей! Ўрикнинг шохида жимгина ўтираверсам бўлмасмиди? Нима қилардим бировларнинг ишига аралашиб? Бошқаларга ўзимни ақлли қилиб кўрсатгим келдими дейман-да. Эҳ, пишмаганкалла!
...Чақимчилик ёмон нарса дейсанми? Ақл ўргатмоқчимисан, ука? Бор, йўлингдан қолма. Фаросат билан айтганда, шахсан менга дарс беришга ҳали ёшлик қиласан.
Қағ-ғ!!!
 
Чўчқачанинг ҳикояси
 
Хур... хур... хурсандчилик яхши нарса-да. Кеча балчиққа юмалаб,роса ўйнабман денг. Кейин маза қилиб ахлат титкиладим. Дадам аҳволимни кўриб, «сендан ҳақиқий Чўчқа чиқади», дея елкамга бир уриб қўйди.
Сиз қандай ўйлашингизни билмайман-у, мен калламни ишлати-и-б туриб, «Агар дунёда балчиқ деган нарса бўлмаса, яшашнинг биттаям қизиғи қолмаса керак», деб юраман. Афсуски, баъзилар шуни тушунмайди. Масалан, қўшнимиз қора Совлиқ эсли-ҳушли ҳайвон бўлатуриб балчиқни ҳурмат қилмайди-я.
Ўтган куни унин гўғли билан биргалашиб ўйнагани чиқдик. Қарасам, Қўзичоқ тушмагур тўғри майсазорга қараб кетяпти. Биламан, у ёқда ажриқдан бошқа ҳеч вақо йўқ.
– Ҳў, латтабош, буёққа юр! – деб қичқирдим унга.– Жуда ажойиб жой бор, юмаланиб-юмаланиб ўйнаймиз. Қани, орқамдан ўрмала-чи.
Уни ўша ҳузирижон Сассиқкўлга бошлаб бордим. Борибоқ, ўзимни балчиққа отдим. «Ке, менга ўхшаб бир яйра», дедим Қўзичоққа. У оз-моз иккиланиб туриб, секин балчиққа тушди.
– Қўрқма, – дебдалда бердим унга. Кейин тумшуғимни балчиққа тиқиб, унинг ҳавасини келтирдим. –Қани-қани, сен ҳам шунақа қил-чи.
Қўзичоқ тумшуғини балчиққа тиқди-ю, дарров бошини кўтариб, афтини буриштирганича лой туфлашга тутинди.
– Э-э, ютвормайсанми!– дедим, ғашим келиб.
Қўзичоқ менга ёмон кўз билан ўқрайиб қўйиб, индамасдан уйига жўнаб қолди. Шу-шу, мендан андак хафа. Эшитишимга қараганда, уйига борганидан сўнг, пўстинчангни расво қилибсан, деб онаси роса таъзирини берибди. Буни эшитиб, Қўзичоққа жуда раҳмим келди.
Бошқа томондан, сал жаҳлим ҳам чиқди. Қўзичоқ-ку ҳали ёш, лекин кап-катта қора Совлиқ балчиқнинг қадрига етмагани қизиқ. Хур... хур... хурофот бу.
Э, менга нима? Кимки яшашни билмабди, ўзига қийин. Мен бўлсам, бугун ҳам, эртага ҳам балчиққа юмалайвераман. Ишқилиб, тоза юрмасам бўлгани. Шундагина ҳақиқий Чўчқа бўлиб етишаман.
... Ҳа, йўл бўлсин? Оқсойга дейсанми? Ие, ғўр бола экансан-ку! Сойда чўмилиб нима ҳузур топасан? Юр, Сассиқкўлга борамиз. Сен ҳам менга қўшилиб бир ялала-ялай қилсанг-чи.
 
Бузоқнинг ҳикояси

Чиндан ҳам синчков бўлсангиз, менга дунёдаги энг фаросатсиз ҳайвоннинг номини айтиб беринг-чи. Йўқ, Эшак эмас. Тополмадингиз. Энг бефаросат махлуқ, бу – Туя. Ҳа-да!
Масалан, қўшнимиз Нортуяни олайлик. Исмим Тарғил эканлигини унга кунига ўн марталаб уқтираман. У бўлса, барибир Қашқа деб чақираверади. Ҳозир ҳам ёнидан ўтиб бораётсам, «Йўл бўлсин, Қашқавой?» – деб яна жиғимга тегди.
Алам қиладиган жойи шундаки, шу топда ўзим ўша сўтак Қашқани ахтариб юрибман. Қўлимга тушса, уни янаям қашқароқ қилиб қўйишим турган гап. Негаки, доим ризқимни қийгани-қийган.
Аслида, Нортуянинг адаштирганича бор. Қашқа иккаламиз бир-биримизга жуда ўхшаб кетамиз. Қоронғи тушган пайтда ҳатто оналаримиз ҳам бизни фарқлолмай қолишади. Ярамас Қашқа худди мана шундан фойдаланиб, ухлаб ётган чоғимда онамни эмиб қочади.
Аввалига уни бир-икки марта яхшиликча огоҳлантирдим. Кейин биқинига бир каллалаб қўйдим. Безбет ўшандаям пинагини бузмайди денг. Жирилламасдан, сен ҳам менинг онамни эмаверсанг-чи, дейди-я. Зап аҳмоқни топибсан-да, дедим унга. Очиғини айтсам, унинг қилтириқдай бир онаси бор, эрталабдан кечгача эмганингдаям, сўрган сутинг чап ичакка юқ бўлмайди. Менинг онам бўлса, гумбаздек тўлишган, елинлари лорсиллаб ётибди.
Хуллас, бугун ҳам узоқроқ ухлаб қолган эканман, уйғониб қарасам, Қашқа онамни яна эмиб қочибди. Хунобим ошиб кетди. Ҳар қандай сабр-тоқатниям чегараси бўлади, етар энди. Уни қаердан бўлмасин топиб, у биқинига, бу биқинига, тағин у биқинига, тағин бу биқини¬га каллалаб ташламасам, новвосман деб юрган эканман-да.
...Бузоқнинг югургани сомонхонагача, дейсанми? Гапингда жон бор, ошнавой. Қани, бир сомонхонага бориб кўрай-чи.
 
Тулкичанинг ҳикояси

Биз Тулкилар ҳақида гап кетгудек бўлса, одамлар исмимизнинг олдига албатта «айёр» сўзини қўшиб айтишади. Бу инсофдан эмас. Айёрлик билан уддабуронликнинг фарқига бориш керак. Ишбилгич бўлмасанг, бу оламда кун кўриш қийин.
Ке, бошингни айлантириб ўтирмай, яқинда юз берган бир воқеани дастаклаб ўта қолай. Шунга қараб, кимлигимизни ўзинг тушуниб оларсан.
Бундан ўн кунча олдин аям иккаламиз товуқхонада қўлга тушдик. Ичкарига кирганимиз заҳоти шартта эшикни ёпишди. Энди бизни ўлдиришади деб ўйлаб, жуда қўрқиб кетдим. Аям бечора ҳам дағ-дағ қалтирай бошлади. Гўё: «Боламда айб йўқ, нима қилсанглар мени қилинглар», демоқчидек, мени тагига босиб, бошимни жағининг остига яшириб олди.
Қоровул чол билан ўғли аллақандай матони ёйишганини кўрдим-у, уларнинг нияти нималигини англаб етгунимча, кўз олдимни бирдан зулмат қоплади. «Одамлар бизни шолчага ўраб олишди», дея чинқирди аям, сўнг жон-жаҳди билан потирлай кетди. Мен ҳам жим турмадим. Аммо, одамлар аллақачон устимизга миниб олишганди. Кучли панжа шолча аралаш бўйнимдан қисди. Нафасим бўғилиб, хириллаб қолдим. Кейин нима бўлганини билмайман...
Бир маҳал кўзимни очсам, аям икковимиз ариқча ёқасидаги толнинг салқинида ётибмиз. Бўйнимизда итларникига ўхшаган пишиқ занжир. Қизиқ! Бизни нима қилишмоқчи ўзи?
Занжирни гоҳ силтаб кўрдик, гоҳ ғажиб кўрдик, фойдаси йўқлигини сезиб, ҳафсаламиз пир бўлиб турганида, қоровул чол чети синиқ косада ачиган бўтқа келтириб, олдимизга қўйиб кетди. Чол узоқлашиши биланоқ, таомни шошилиб искай бошлаган эдимки, аям тумшуғимга битта тарсакилаб қолди.
– Ема! – деди у. – Нафсингни тий, тентак!
– Нега емас эканман? – дея зардаландим мен. – Қорним аллақачон ҳуштак чаляпти.
– Ҳозир бизга текин овқат керакмас, – деб ўдағайлади аям. – Озодлик керак бизга, озодлик!
Кейин, аҳволимга ачиниб, мени бағрига босди. Бошимни силаб туриб, ўйлаб қўйган режасини гапириб берди, нималар қилишимиз лозимлигини ётиғи билан уқтира кетди. Шунда мен, бир яланиб олиб, яна минғирладим:
– Ҳеч бўлмаса, сув ичсам майлими? Тилим танглайимга ёпишиб қоляпти.
– Сувдан ичсак бўлади, чунки камайгани билинмайди, – деди аям ва ариқча томонга ютоқиб қараб қўйди. – Фақат кечқурун, ҳамма ухлаганда ичамиз. Сабр қил, эсликкинам, сабр қил.
Ниҳоят, мен орзиқиб кутган вақт келди, тунда қониб-қониб сув ичдим. Бунинг устига, пайт пойлаб туриб, ариқчада қуриллаб юрган бақалардан уч-тўрттасини ушлаб, исини чиқармай урволдик.
Кунлар шундай ўтаверди. Кундузлари туз тотмасдан сулайиб ётамиз, тунлари оз-моз тирикчилик қилиб оламиз. Ҳеч нарса емаётганимиз охири товуқбоқар кампирнинг эътиборини тортди.
– Буларни шолчага ўраб босганларингда қовурғалари синганга ўхшайди, – деди у қоровул чолга. – Тўрт кундан бери туз тотмасдан ётишибди-я. Иккаласиям чалажон.
– Ўлишмайди, – деб тўнғиллади чол. – Боласиниям катта қилволсам, ўғлинг иккаламизга биттадан телпак чиқади, кампир.
Бешинчи куни эрта саҳарда аям менга тайинлади:
– Бугун, иложи борича, нафас олаётганингни сездирмай ёт. Тепишсаям, ғинг дема. Чида!
Шу тариқа, миқ этмай ётавердик. Бир маҳал, қадам товуши эшитилди. Кўзимни қия очиб қарасам, кампир яна овқат олиб келяпти. У, тепамизда тўхталиб, бизга диққат билан тикилиб турди, кейин эгилиб, мени бир-икки қимирлатиб кўрди. Қитиғим келсаям, ўликликка чидадим.
 – Уф-ф! – овқатни ерга қўйиб, чуқур ҳомуза тортди кампир. – Ўлишади десам, ишонмади бу чол. Мана, шўрликларнинг уволига қолдик.
У ғудранганича бўйнимиздаги занжирни ечиб ташлаб, индамасдан нари кетди.
 – Энди қочамизми? – тоқатсизланиб, ёнимда ётган аямни турткиладим мен. – Вақтида ғойиб бўлмасак, қайтиб келиб, бошқатдан занжирга солишмасин!
 – Жим! – кўзини хиёл очиб шивирлади аям. – Чол дарвоза тарафда юрибди. Яна озгина тоқат қил, эсликкинам.
Чол очиқ турган дарвозанинг олдида анча ивирсиб юрди. Кейин уйчасининг ёнига бориб, обдастани олди-да, калишини судраганича ҳовуз томонга кета бошлади.
 – Тур! – қатъий оҳангда буюрди аям. – Қочдик, болам!
Мен ўрнимдан қўзғалаётиб, чети синиқ косадаги овқатдан боплаб битта ялаб олдим. Аям эса, теварагимизда бемалол сайр қилиб юрган товуқлардан энг семизини аллақачон тумшуғига қистириб улгурган эди.
Қийинчиликларга бардош берганимиз яхши бўлди. Мана, занжирдан қутулиб, омон-омонда ўйнаб юрибмиз. Нақ ажалнинг панжасидан соғ чиқдик-да ўзиям!
... Қани, биродар, айтган гапларимни ақлингнинг тарозисига бир солиб кўргин-чи. Сенингча, бу айёрликми, ё ишбилармонликми? Балки, тамоман бўлак нарсадир?
 
Қуёнчанинг ҳикояси

Бунча хомушсан, дейсанми? Наҳот, хафага ўхшаб кўринаётган бўлсам? Бу шунчаки қорнимнинг очлигидан... ёки Тўнғиз билан «аҳмоқ-аҳмоқ» ўйнайвериб, чарчаганимдан бўлса керак.
Қанақа ўйин бу, деганинг нимаси? Ростданам ҳеч ўйнаб кўрмаганмисан? Ҳаётдан тўрт қарич орқада қолибсан-ку, хи-хи-хи.
Тўғрисини айтсам, бу ўйинни ўзим ҳам бугун ўргандим. Агар карамларим бўлмаганида, ким билади дейсан, ҳалиям ўрганолмай юрармидим...
Хуллас, инда ётавериб, жуда зерикиб кетдим. Бунинг устига, мундоқ тимирскилаб кўрсам, омборчамда тишга илинадиган нарса қолмабди. Пича тамадди қилволиш, баҳонада оёқнинг чигалини ҳам ёзволиш мақсадида чакалакка чиқдим.
Бир вақт қарасам, ҳў анави йўлдан эшакарава кетиб боряпти. Четан[1]нинг ичи лиқ тўла карам. Оғзим сувлашиб, жиғилдоним ликиллай бошлади. Одамларда «Омадинг юришса – кўмирингдан тилло, эшагингдан мулло чиқади», деган мақол борлигини бувимдан эшитганидим. Мениям бир омадим келди-ю, ғилдираги чуқурчага тушган арава қаттиқ силкинган чоғда, катта-катта иккита карам четандан ташқарига учиб кетди. Мудраб бораётган аравакаш буни сезмай қолди.
Карамларни кўздан панароқ жойга бирин-кетин думалатиб келиб, ейишни қайсинисидан бошласам экан, деб тараддудландим. Шунда, «Ишкамба» лақабли қориндор Тўнғиз инқиллаган куйи қаршимдан чиқиб келди.
 – Ингқ, ингқ, карам муборак бўлсин, Қуёнполвон! – деди у олдимга яқинлашиб. – Қаёқдан эплаштирдинг буларни?
Ишкамбанинг менга бунақа дўстона муомала қилганини сира кўрмагандим. Бирдан эриб кетиб: «Топдик-да энди», деб сузилганимча илжайдим.
 – Жудаям ажойибсан-да, ука, – карамларга сўлаги оқиб тикиларкан, мени мақташга тушди Ишкамба. – Биламан сен шоввозни, мен билан «аҳмоқ-аҳмоқ» ўйнашни мўлжаллаб турибсан, ингқ. Ишкамба акангни эрмак қилиб, бир яйрамоқчисан-да, а?
Бунинг қанақа ўйинлигини суриштирган эдим, кекса Тўнғиз «билатуриб, мени калака қиляпсан», дея аввалига сал ранжиган бўлди, кейин шошмасдан тушунтира бошлади. Унинг айтишича, бу ўйинда иккита ҳайвон қатнашаркан. Улардан бири овқатланаётганида иккинчиси «аҳмоқ кавшанди-ё, аҳмоқ кавшанди-ё», деб атрофида ирғишлаб айланганича мазахлаб тураркан. Жуда қизиқ ўйин, тўғрими? Мен кўп ўйланиб ўтирмай, ўйинга қўшилишга рози бўлдим. Ишкамба карамларни «ғирс-ғирс» қилиб ейишга тушди. Мен унинг теварагида сакраб, «аҳмоқ кавшанди-ё, аҳмоқ кавшанди-ё», деб чапак ура кетдим. Шу десанг, масхара қилавериб – томоғим, ирғишлайвериб оёғим оғрий бошлади.
Ишкамба иккала карамни чиқинди қолдирмай тушириб бўлгач, «Ҳў, ғилай, ўзингдан ўзинг намунча шаталоқ отасан?» – дея кўзимга ўқрайди. Мен яна пича «аҳмоқ-аҳмоқ» ўйнайлик, деб илтимос қилган эдим, у «ингқ-ингқ, ўзинг аҳмоқсан», деганича келган томонига қайтиб кетди. Ортиқча аҳмоқ қилганимдан хафа бўлди шекилли.
...Менга бунақа масхараомуз илжаймагин-да, ошна. Нима, Тўнғизни боплаганимга ишонмаяпсанми?
 
Хачирнинг ҳикояси

От – дадам, Эшак – аям... Йўқ, йўқ, адашиб кет¬дим. Эшак – дадам, От – аям...
Ҳа, дадам – Эшак! Шунинг учун мен Хачирман!
Агар дадам ҳам От бўлганида, мен тойчоқ бўлиб туғилардим. Ё аксинча, аям ҳам Эшак бўлганида эди, ҳозир қаршингизда мен эмас, кетворган бир хўтик турарди.
Имкон борича ё тойчоқ, ё хўтик бўлиб туғилган яхши экан. Хачирлик нималигини хачир бўлган билади. Менга жуда қийин. Яйловга чиқсам, бир томонда аям кишнай бошлайди, бир томонда дадам ҳанграб қолади. Аямнинг кетидан чопай десам, унга етиб юролмайман. Дадамга эргашай десам, майдақадамлиги жонимга тегиб кетади. Бор-е, дейман-у, ўзим бошқа ёққа қараб баҳоли қудрат чопиб кетаман. Тўрғайлар ҳуштак чалганларича орқамдан эрмаклаб қолишади.
Оёқларимга боқиб, пакана бўлсам ҳам, ҳартугур аямга тортган эканман, деб юрардим. Тунов кун булоқда ўз аксимни кўриб, бу фикримдан қайтдим. Тумшуғим билан қулоқларим худди эшакникига... э, узр... дадамникига ўхшар экан. Турхатим ҳам иккиёқлама эканлигини пайқаб, ичиккандан ичикиб кетдим. Қисқаси, на тойчоқман, на хўтик. Катта бўлганимдан кейин ҳам одамлар мени отдек чоптиришиб, эшакдай ишлатишса керак.
Буларни қўйиб турайлик, муҳимроқ бошқа бир масала бор. Кўпдан буён бошим қотиб юрибди – кишнасаммикин, ҳанграсаммикин? Кишнаганим билан барибир мени ҳеч ким тулпор демайди. Борди-ю, ҳанграсам, унда чала эшак бўпқоламан. Менимча, кишнаган-у ҳанграганга ўхшаганроқ овоз топганим маъқул.
...Ҳў, акаси бўйидан! Сен шу масалада менга дурустроқ маслаҳат беролмайсанми?
 
Ҳакканинг ҳикояси

Одамлар мени ўғри дейишади. Шуям гап бўлди-ю! Нима, бошқа қушлардан бойиб кетган жойим борми? Кўпчилик қатори тирикчилик қилиб юрибман-да. Ўзимга керагидан ортиқроқ нарсани ўмарган бўлсам, тешиб чиқсин.
Фаразлаб кўрайликки, ёғлиққина сузма қатиқни қурут қилишиб, офтобга териб қўйишган бўлсин. Теваракда ҳеч ким йўқ. Масалан, сиз ўша қурутлардан бир-иккитасини тотиб кўрмасмидингиз? Фақат, олифтагарчилик қилмай, тўғрисини гапиринг.
Ёки томга ёйиб қўйилган ёнғоққа дуч келиб қолдингиз дейлик. Нега энди ундан уч-тўрттагина чақиб кўрмаслик керак экан? Биламан, шахсан сиз қоринниям тўйдирасиз, чўнтаккаям урасиз. Мен бечорада эса, чўнтак деган нарсанинг ўзи йўқ.
Энди, тухум масаласига тўхталайлик. Қушларнинг тухумини қасддан ўғирлайди деб ўйласангиз, мени тўғри тушунмас экансиз. Бировлар ҳақида, ўйламай-нетмай, бўлмағур гаплар айтиш одобдан эмас. Сиздақангиларни ғийбатчи дейишади.
Ўзингиз биласиз, мен ашулачиман. Ашулачи бўлгандаям, майна-сайналарга ўхшаган хашаки яллачилардан эмасман. Теракнинг учига қўнволиб, бир шақиллашни бошласам, овозим етти маҳаллага таралади. Шунақа ажойиб овозингиз бўлса, сиз ҳам кунига хом тухум ютиб туришни канда қилмасдингиз...
Ие! Ҳў обдастанинг ёнидаги нима? Пишлоқми? Вой, атирсовун-ку! Ерга ташлаб қўйишибди-я. Ҳойнаҳой, одамларга ортиқчалик қилаётганга ўхшайди. Атрофда биров йўқми?
...Вей, шалпангқулоқ, нега хўмрайиб қолдинг? Кўриб турибсан, ҳаво тобора исиб кетяпти. Озгина совун есам, патларим тулаб, сал енгиллайман. Ахир, мен ўзимга керак бўлмаган нарсани олаётганим йўқ-ку!
 
Чиябўрининг ҳикояси

Мактабга боришга ҳеч оёғим тортмай қолди. Ўқитувчимиз борган сари қийин саволлар бериб, миямнинг қатиғини чиқаряпти. Олдинги қаторда ўтиришнинг хосияти йўқ экан. Кунига элакдан ўтаман-да.
Мана, кечаги кунни олайлик. Ўқитувчим мени ўрнимдан тургизиб, «Хўш, айт-чи, Қуён ботқоққа чўкаётган бўлса, биз нима қилишимиз керак?» – деб сўраб қолди. «Серқамишроқ жойни танлаб, эҳтиёткорлик билан унга яқинлашамиз», дедим мен.
– Балли! – деди ўқитувчимиз.
Бу мақтовдан кўнглим кўтарилиб, дадил сўзлашга тушдим:
 – Жудаям яқинлашиб қолганимизда, бир қўлимизда бақувватроқ қамишнинг тубидан ушлаб, иккинчисини Қуёнга чўзамиз.
 – Офарин! – дея бош ирғаб илжайди ўқитувчимиз.
Мен баралла сайрашда давом этиб: «Қуён панжамизга илинди дегунча, уни шартта ўзимизга тортамиз», дедим.
 – Тасанно! – севинганидан қичқириб юборди ўқитув¬чимиз. – Бало экансан! Калланг зўр ишлаяпти! Қани, уёғини гапир-чи!
Шу ерга келганда, нима дейишни билмай, дудуқланиб қолдим:
 – Кейин... кейин...
Бу туришим ўқитувчимизга ёқмади шекилли, бирдан қовоғи осилди. Негадир тоқатсизлана бошлади. Сўнг ҳозиргина мени «офарин»лаётган махлуқ туйқус тўнини тескари кийиб: «Қуён чангалингда турибди, хумкалла. Гапга тузукроқ хулоса ясамайсанми энди», деб ўшқирди.
Мен баҳомнинг пастлаб кетишидан қўрқиб, пича ўйланиб олгач, «Қуённинг терисидаги лойларни тозалаб ташлаймиз», деб мунғайдим.
 – Гапниям, ишниям чўзворяпсан! – сўлагини ютиб ғижинди ўқитувчимиз. – Сен Қуённи мушкул аҳволдан қутқардинг, озод қилдинг. Оддийроқ тилда айтганда, Қуёнга фойданг тегди. Энди Қуённинг сенга фойдаси тегиши керак. Хўш, ўйла-чи?!
Ҳануз дудмалланиб турганимни кўриб, ўқитувчимизнинг баттар жаҳли чиқди:
 – Қайсидир Қуён бошқа бир Қуёнга текинга яхшилик қилиши мумкиндир, – менга еб қўйгудек бўлиб ўқрайди ўқитувчимиз. – Лекин, биз Чиябўрилармиз. Биздаги фалсафа бошқача... Ўзимизга яраша нафсимиз бор!
Тугалай довдираб, нима дейишимни билмай қолдим. Бундан ўқитувчимизнинг фиғони фалакка кўтарилдир-ю, шартта бўғзимдан ушлаб, мени ўзига яқинроқ тортди.
 – Аввалига Қуённи озод қиламиз, – кўзларига қон тўлиб чийиллади ўқитувчимиз. – Қутқарганимиздан кейин, биз уни мана мундай қилиб...
У оғзини катта очиб, ўткир тишларини кекиртагимга яқинлаштирган паллада миям ярқ этиб ишлаб кетди ва бор овозда: «Еб қўямиз!» – деб қичқирдим. Ўқитувчимиз шу заҳоти енгил тортиб, мени қўйиб юборди.
 – Боракансан-ку, ҳумкалла, – чеҳраси ёришиб, елкамга қоқди у. – Чиябўри деганнинг гапи мана бунақа бўпти-да!
Ҳа, битта «тўрт» олгунча, она сутим оғзимга келди.
...Нима дединг? Учта товуққа иккита ўрдакни қўшсак, жами нечта бўлади дейсанми? Бу масалани чиябўричасига оппа-осон ҳал қилиш мумкин, оғайнижон. Бошни ортиқча қотириб ўтирмаслик учун уларни хаппа еб қўямиз, қоринда ўзлари қўшилиб кетаверади.
 
Бешиктерватарнинг ҳикояси

Мана шу уватнинг ҳаммаси илгарилари Бешиктерватарларга қарашли эди. Бир куни очкўз Чигирткалар ёприлиб келишди-ю, биз ов қиладиган жойларни эгаллаб олишди. Тирикчилигимиз қийинлашиб кетди.
Авваллари емишни ҳар қадамда учратиш мумкин эди. Энди кун бўйи куйиб-пишиб ўлжа қидирасан-у, топганинг ошқозонга жаз бўлмайди. Сакроғич Чигирткалар деярли ҳамма нарсани заҳри-маҳрига ютиб бўлишди.
Бу кўргиликлар камлик қилганидек, ўша чириллоқ махлуқларнинг дўқчилигини айтмайсизми. Кеча ов қилиб юрсам, улардан иккитаси қаршимдан чиқиб қолди: биттаси важаванг семиз, бошқаси чакачак ориқ. Семизи менга кўз қирида қараб қўйиб, шеригидан сўради:
– Анави сўлжайиб турган нарса нима?
– Дунёда қаланғи-қасанғилардан кўпи йўқ, – деди ориғи. – Бу яшшамагурам бирорта ўрмаловчидир-да.
Семизи: «Сўраб кўр-чи, нимага сўппайиб турибдийкин?» – дея димоғдорланиб сузилган эди, ориғи менга кўзини ўйнатиб: «Ҳў, оғзи бор! Нега биз томонларда ивирсиб юрибсан?» – деб шанғиллади.
Бу гаплар менга жудаям алам қилди. Ўзинг туғилиб ўсган жойда бўйин қисиб юришга мажбур бўлсанг-у, бунинг устига, келгиндилар сени гоҳ мазахлашса, гоҳ «қаёқдан кепқолдинг» деб дўқ уришса, юрак-юрагинг тўкилиб кетмайдими?
Ҳўнграб йиғлаганимча, уйга кириб келдим. Хуни-бийронлигимнинг сабабини эшитиб, бувим менга таскин бера бошлади:
– Хафа бўлма, дўмбоқчам, тирикчилигимиз бир нав ўтиб турибди-ку, шунисигаям шукур қилайлик.
– Йўқ, бувижон, чидаш қийин, – дедим мен. – Тунов куни биттаси йўлимни тўсиб, «Бизга ўхшаб чириллашни қачон ўрганасан?» деб дағдаға қилувди, энди бошқалари мени «қаланғи-қасанғи»га чиқаришди...
Бувим бирпас хомуш туриб қолди. Кейин чуқур уф тортиб, мунгли товушда деди:
 – Чириллоқ очофатларнинг уруғи кўп, дўмбоқчам. Улар билан ортиқча ўчакишма. Зўравонларгаям бир балолик кун бордир.
Ўшандай кун қачон келаркин, билмадим. Балки, қиш қаттиқроқ кечиб, Чигирткаларнинг тухуми ёппа музлаб қолар. Қўшнимиз бувимга шунақа деётгандай бўлувди.
...Бунча эснайсан, болакай, уйқи босяптими дейман? Бунақада қулоғингга гап кирармиди? Майли, кейинроқ дардлашармиз. Ҳозир мен тебраниб туриб, бахтиёрлик ҳақида алла айтаман, сен бир тўйиб ухлаб олгин бўлмаса.
 
Чумолининг ҳикояси

Ишком остида тимирскиланиб юриб, даройи узумнинг уруғини топиб олдим. Қуриб кетгур зил-замбил экан, итариб ҳам, тортиб ҳам жойидан силжитиб бўлмади. Таваккал қилиб елкалаб олсаммикин, деб турганимда, олдимдан «виш-ш» етиб бир бадбашара махлуқ чиқиб қолса бўладими!
Энам кечагина ёвуз аждарҳо ҳақида эртак айтиб берган эдилар. Ўша қонхўр оғзини катта очганича олдимдан чиқиб турибди-ю ҳозир. У билан солишай десам, эртакда аждарҳони ўлдирган Қиличботир, афсуски, мен эмасман. Қўлимда силтанса қирқ газ чўзиладиган қиличим ҳам йўқ.
Дарров эс-ҳушимни йиғиб олдим-у, мулойимлик билан унга таъзим қилдим.
– Ассалому алайкум, жаноб Аждарҳо! – дедим.
Аждарҳо аввалига нечундир ўнғайсизланиб, уёқ-буёққа қараб қўйди. Кейин бирдан кўкрак кериб: «Гар саломинг бўлмаса, икки ямлаб бир ютардим», дея менга кўз олайтирди. Мен эгилиб, қайтадан таъзим қилдим.
Бир вақт, бошимни кўтариб қарасам, зумгина олдин қаршимда гердайиб турган аждарҳо йўқ. У жанобнинг ерда ётган барг остига шоша-пиша кириб кетаётганини аранг пайқаб қолдим. Гап нимада эканлигини англаб улгурганим йўқ эдики, осмондан бир паҳлавон учиб тушиб, гурсиллаганича ерга қўнди. Унинг шабадасидан уч-тўрт юмаланиб, яна оёққа турдим.
Паҳлавон тўсатдан патларини ҳурпайтириб: «Кўкқурт қани?» – деб сўради мендан. Эндигина сўзга оғиз жуфтлаганимда, бехос шамол уфуриб, бояги барг пилдираб учди-ю, Кўкқурт исмли аждарҳо ялангда қолди. Паҳлавон шу заҳотиёқ ҳамлага ҳозирланганини кўриб, унинг Қиличботир эканлигини фаҳмладим. Энамнинг эртакда сўйлаганлари рост бўлса, улар энди қирқ кеча-ю қирқ кундуз жанг қилишади дея безиллаб турган эдим, Қиличботир бир калла солишдаёқ аждарҳони сулайтириб қўйди.
– Қойил, Қиличботир! – деб қичқирдим мен, завқланиб кетиб.
– Оғзингга қараб гапир! – кутилмаганда мени жеркиб берди паҳлавон. – Мени нега бошқалар билан адаштиряпсан, тирранча? Акканг қарағай етти иқлимга донғи кетган машҳур Чумчуқ полвон бўламан-а!
У шундай дея, жаноб аждарҳони тишлаб олганича, яна осмони фалакка кўтарилди.
Шу топда энамнинг ёнига шошиляпман. Мен унга эртак эмас, Чумчуқ полвон ҳақида ўз кўзим билан кўрганларимни айтиб берсам, сезиб турибманки, оғзи ланг очилиб қолади.
...Хўп, хайр, биродар. Сен ҳам бу ғаройиб ҳикояни ўртоқларингга сўзлаб бериб, уларни ёппасига анграйтириб қўйсанг-чи.
 
Мушукчанинг ҳикояси

Одамлар «Мушук ҳам текинга офтобга чиқмайди», деган мақол тўқишганмиш. Бу бекорчи гап бўлса керак деб ўйлайман. Масалан, шахсан мен ҳар куни томга чиқволиб, офтобда исинаман, лекин бунинг эвазига ҳеч кимдан ҳеч қанақа ҳақ талаб қилган эмасман.
Томда ётиб, баъзан узоқ-узоқларга термилиб қоламан. Ер юзи поёнсиз дейишади. Бу гапга ишониш учун дунёга томдан туриб қараш керак экан. Мен атрофни яхшилаб кўздан кечириб чиққанимдан кейин, ер юзи мана шу томга қараганда камида ўн беш марта катта бўлса керак, деб ўйлаб қўйдим. Ўн беш марта-я!
Томда ётишнинг тағин бир фойдали томони шундаки, бу ердан ҳовлининг ҳаммаёғи кафтдек кўриниб туради. Кеча мўрининг ёнида ётиб, тандир остидаги кавакдан алланиманинг пилдираганича чиқиб келаётганини пайқаб қолдим. Мундоқ қарасам, кап-катта бир Сичқон уялмай-нетмай калиш чайнаб ўтирибди. Аччиғим қўзиганидан, думим хода бўлиб, жунларим ҳурпайиб кетди. Мий-ёв!
Вағиллаган куйи ўзимни томдан ташладим. Ҳалиги калишхўр нонуштани тўхтатиб, жуфтакни ростлаб қолди. Унга етиб олиб, эндигина таппа босаман деб турганимда, олдимдан ер ютгур Қоплон чиқиб қолса бўладими. У вопира-воп қилиб менга ташланган эди, ўзим сичқонга айландим-қолдим.
Қочиб бораётиб қарасам, тандирнинг ёнида чети синиқ сопол тоғора тўнтарилиғ турибди. Ўқдек учиб бориб, ўзимни ўшанинг тагига урдим. Қоплон тирқишдан тумшуғини суқиб, роса ириллади. Бундан фойда чиқмагач, орқа оёқлари билан тоғоранинг устига тупроқ чангита бошлади. Итлигинг қўзимай ўлгур-ей!
Қоплон қайтиб кетганидан сўнг олам бирдан жимжит бўлди-қолди. Шунда тоғора остида бировнинг «пиш-пиш» нафас олаётгани қулоғимга чалинди. Мундоқ ёнга ўгрилсам, бир чеккада ҳансираганича бояги Сичқонбой турибди. Мендан қўрқибми, итдан қўрқибми, уям тўғри шуёққа қараб қочган экан. Донишманд бобом: «Нодон қаршингда турган бўлса, сен ақл билан иш кўр», дер эдилар. Тезда шу ўгитга амал қилдим. Гўштидан калиш ҳиди анқиб турганини ҳисобга олмаганда, ёғлиққина Сичқон экан, маза қилиб едим.
Вой, эси паст Сичқон-ей, бошқа жой қуриб кетгандек, келиб-келиб, тоғоранинг тагига беркинганини қаранг. Каллаварам-да. Билмайдики, ер юзи мана шу синиқ тоғорага қараганда, камида минг марта катта. Ҳатто, бир ярим минг марта катта бўлишиям мумкин!
...Оғайни, сен ҳам ер юзини ўзингча ҳеч чамалаб кўрганмисан?
 
Қурбақанинг ҳикояси

Қур-р, вақ! Мени танидингизми? Ҳа, мен ўша боши япалоқ, кўзи шапалоқ Қурбақаман. Лақабим – Вақвақатўра!
Кўриб турибсиз, вақтим чоқ. Бўлмасам-чи! Ҳозиргина иккита бўрдоқи пашшани тутволиб, шаппа-шуппа ямлаб қўйдим. Энди ҳовузга калла ташлаб, бир чўмилсаммикин деб турибман. Мен сизга айтсам, қорин тўйганидан кейин чалқанчасига сузиб юришнинг ҳам ўзига яраша гашти бор. Қанча кўп сузсанг, шунча ланж бўласан. Ана ундан кейин, бақатўнга ўранволиб, мириқиб ухлаш мумкин.
Бироқ, шуниси ёмонки, уйқудан уйғонган чоғингда қорнинг қайтадан очқаб қолган бўлади. Шунда, тарвайиб бир керишасан-у, кўзинг жовдираб, яна овқат ахтаришга тушасан.
Ўтган куни уйқусираб туриб, бир саёқ Чумакарини ютиб юборибман. Итпашшага ўхшатибман-да. Бир вақт ичак-ичакларимга игна санчишни бошлади. Қуриллаб додлаганимча, сатта пақир бўйи сакраб, ўзимни ерга ураман денг. Ари чақишини қўймайди, мен – қуриллашимни. Йўқ, хайрият, охири ошқозонимгаям битта игна санчди-ю, шундайича бутунлай ҳазм бўпкетди.
Балойи азимдан қутилиб олганимдан сўнг, мундоқ қарасам, сайроқи қушларни қафасда боқиб юрадиган сариқсоч бола менга суқланиб тикилиб турибди. Боя тинмай қуриллаётганимда, чамаси, ширали овозим унга ёқиб кетган бўлса керак. Қилиғинг қур-р-ғур болакай сайроқи қушларга қўшиб, мениям биронта қафасга солиб қўймасин, дедим-у, ҳовузга қараб ура қочдим. Мен сизга айтсам, қафасда ётиб тайёр овқат егандан кўра, эркин юриб, оч қоринга ари ютган минг марта афзал.
...Бу ҳикояни айтишдан мақсадим, ўртоқчилик ҳурмати сени огоҳлантириб қўймоқчиман, тойбола. Маслаҳатим шуки, уйқусираб туриб овқат ейишга одатлана кўрмагин, бунинг оқибати жудаям ёмон бўларкан.
 
Жўжанинг ҳикояси

Мана, эсон-омон тухумдан чиқиб олдим. Ўзиям, тор жойда қисилиб, қоронғида ўлгудек зерикиб кетувдим.
Мендан кейин укаларим ҳам тухумларини бирин-кетин пачоқлашга тушдилар. Ёруғликка чиқишгач, анчагача кўзларини очолмай туришди. Шумшайиб ўтиришларини кўриб, кулгинг қистайди.
Ҳозирча олтитамиз. Мен-у, яна биттамиз ўғил, қолган тўрттаси қиз. Еттинчи тухум ҳалиям сингани йўқ. Аям бечора бундан хавотирда. Дам тухумни босиб ётади, дам унга аста қулоқ солиб кўради – жимжит. Қачонгача ётар экансан, деб қўяман ўзимча. Қаёққа борарди, барибир чиқади. Кейин, дадамдан бир калтак ейиши бор бу ялқовнинг.
Ҳа, айтгандай, жудаям зўр дадам бор-да. Бошида қип-қизил тож, битта-битта қадам ташлаб юришини кўрсанг, ҳавасинг келади. Кўп гапирмайди, фақат баъзан кўкрагини кериб туриб, маънодор қичқириб қўяди: «Чи-чи-чий чий-й-й!»
Йўқ, ўхшатолмадим. Тилим келишмаяпти.
Аямнинг айтишига қараганда, шу яқин-атрофдаги хўрозлар дадамни кўрди дегунча, чумчуқлардек тирақайлаб кетишаркан. Лекин, очиғини тан олсам, Чумчуқ нималигини ўзим ҳам унчалик тушунолмай турибман. Уни қўйинг, буни қўйинг, пайти келиб, мен ҳам дадамдек полвон бўпкетсам-а!
Э, хайрият, ана, еттинчи тухум ҳам ёрилди. Ие-ие! Буниси ким бўлди энди? На менга ўхшайди, на укаларимга. Тумшуғи яп-япалоқ, оёғиям бошқача – панжаларининг орасида пардаси бор. Вой, тавбангда кетайин-ей!
– Бу ўрдак-ку! – дея бирдан шовқин солди аям. – Менга ўрдакнинг тухумини бостиришибди. Муттаҳамлар!
Дадам кенжатойга ҳафсаласиз кайфиятда қараб қўйди-ю, индамай юзини ўгирди. Кенжатой бўлса, е йўқ, бе йўқ, чопганича бориб, ўзини сув тўла жомчага отди. Бир-икки шўнғиб олгач, гердайганича сузишга киришди.
Охири айтганим келди – бетасир кичкинтой дадамнинг битта тарсакисини еди-ю, жомчадан четга учиб тушди.
Бошқалардан каттароқ бўлганим учун, уларни тергаб туришга ҳаққим бор. Шуни ҳисобга олиб, тарсакидан зада емай, яна жомчага тирмашаётган кенжатойга қараб ўшқирдим:
– Вей, ўрдак! Қоч жомчанинг олдидан!
Гўё гапимга тушунмаётгандек, безрайиб туришини қаранг. Япалоқ тумшуғингдан ўргилдим сени! Ўрдак бўлсанг, ўзингга!
... Ошна, уқтириброқ айт-чи, Ўрдак дегани нима ўзи?
 
Хўтикнинг ҳикояси

Кўп нарсага қизиқаман. Шу туфайли кечалари ухламасдан ўйланиб ётаман. Ҳозирча каллам балодек ишлаб турибди, фаросатим жойида. Мен билан у-бу нарсалар тўғрисида бир-икки оғиз гаплашсангиз, ишончим комилки, зеҳним ўткирлигини сезиб, ҳанг-ҳанг... йўқ, ҳанг-манг бўпқоласиз.
Сиз, масалан, нима учун чақмоқ чақиб, кейин момагулдирак бўлишини биласизми? Қўйинг, хижолат тортманг, буни ўзим тушунтириб қўя қолай.
Хуллас, булутлар сузиб бораверади, сузиб бораверади, сузиб бораверади, охири бирдамас-бирда тоғнинг чўққиси билан тўқнашади. Агар иккита чағир тошни бир-бирига уриб кўрган бўлсангиз биласиз, бундай пайтда «чарс-чурс» ўт чақнайди. Ана сизга чақмоқ! Булут чўққига урилганидан кейин, ўз-ўзидан маълумки, ҳаммаёқ ларзага келади. Қарабсизки, қанордек-қанордек тошлар гулдираганича пастга қараб юмалай бошлайди. Ана сизга момагулдирак!
Ҳа, бу анча чигал масала. Ҳамманинг ҳам тезда фаҳми етавермайди. Келинг, сизга бошқа осонроқ савол берайин. Қани, айтинг-чи, нима учун араванинг ғилдираги юмалоғ-у, деразанинг кўзи тўртбурчак? Эҳа-а-а, шуниям билмайман денг? Майли, бунисиниям ўзимиз уқтириб қўяйлик бўлмаса.
Хў-ў-ш... Умрингизда бирор марта юмалоқ ойнакни кўрганмисиз? Биламан, кўрмагансиз...
Бунақасини ҳеч ким кўрмаган. Чунки, одатда, ойнаклар корхонадан тўртбурчак қилиб чиқарилади. Шундай бўлгандан кейин, деразанинг кўзини ҳам ўша ойнакка мослаштириб, тўртбурчак шаклда ясашга тўғри келади. Араванинг ғилдирагига эса ойнак солинмайди, шунинг учун у юмалоқ. Мана, гап қаерда!
... Ҳў, болакай, менга қараб нега хўшшайи-и-б қолдинг? Бирон-бир жумбоққа ақлинг етмай турибдими дейман-да. Саволинг бўлса, тортинмай сўрайвер, мен ҳамма нарсани биламан.
 
Қовоғарининг ҳикояси

Бир учишда буғдойзорнинг устидан тўхтамай ўтиб кетишни ният қилган эдим, бўлмади. Ярим йўлда моторим қизишни бошлади-ю, бирдан тезлигим камайиб, ноилож пастга шўнғидим. Дириллаганимча бориб урилганимда, буғдой пояси камалакдек эгилиб, мен тирмашиб турган бошоқ ерга тегди, сўнг, ҳайинчакда учгандек, яна баландга кўтарилдим. Қаранг-а, буёқда тап-тайёр ўйин бор экан-у, билмасдан юрганаканман. Энди бекорчиликда мана шунақа «ҳалов туя» ўйнаб турсам бўларкан.
Ҳозир вақтим зиқ. Ҳў пичанзорда Ниначи билан учрашишим керак. Унинг ота-онаси мени меҳмонга чақиришибди. Қани, бориб, ниначиларнинг овқатидан ҳам бир татиб кўрайлик-чи.
Ниначи билан жуда ғалати вазиятда танишиб қолдим. Илгари куни пичанзордаги курмаклардан бирига қўниб дам олиб турсам, сочига кўк латта боғлаган бир қизалоқ ёнимдан оёқ учида эҳтиёткорона одимлаб ўтиб қолди. Орқароқда келаётган болакай эса: «Вертолёт кичкина экан, авайлаб ушлагин», деб пичирлади унга.
Вертолёти нима экан, деб мундоқ қарасам, нарироқдаги қиёқнинг учида чиройли бир Ниначи қўниб турибди. Қизалоқ бармоқларини омбир қилволиб, унинг ортидан аста писиб боряпти. Мен қанотларимни зириллатганимча Ниначи тарафга отилдим-у, думига бир калла солиб ўтиб кетдим. Иккаламиз бирин-кетин ҳавога кўтарилдик.
– Намунча анқаясан, ошна? – Ниначига қичқирдим, учиб бораётиб. – Анави писмиқлар сени ушлагани пойлаб келишаётувди!
Шунда, бояги болакай пастдан туриб: «Ҳап сеними, бомбардимончи!» – дея менга мушт ўқталди. «Бомбардимончи» нималигини аниқ билмайман-у, тахминан айтганда, бу – чақимчиларга қўйилган янгича лақаб бўлса керак. Топдимми?
Гапнинг қисқаси, ўшандан бери Ниначи билан иноқлашиб кетдик. Мана, бугун – меҳмондорчилик.
...Хоҳласанг, сениям бирга олиб боришим мумкин, оғайни чалиш. Лекин, борадиган бўлсанг, аввал моторингни яхшилаб совутиб ол.
 
Суваракнинг ҳикояси

Миш-мишларга қараганда, бир замонлар бу ерда дурустгина қўрғон бўлган экан. Нураб-нураб, охири ундан мана шу бир парчагина девор қолибди. Бу девор шунақаям серковакки, пастдан туриб қарасанг, кўп қаватли бинога ўхшаб кўринади. Ана шу бинодаги хоналардан биттасида мен яшайман.
Тўғрисини айтсам, қўшниларим ичида истараси иссиқроғи ўзимман. Масалан, ўнг тарафимдаги хонада Бузоқбоши, чап томонимда Калтакесак туради. Иккови ҳам бир-биридан бадбашара. Тагимдаги хонада яшайдиган Қирқоёққа келсак, у янаям тасқарароқ. Баъзан унга қараб туриб, оёғинг саксонта бўлгандаям, бари бир менчалик пойга чополмайсан, деб ўйлаб қўяман.
Қўшниларим орасида энг турқи совуғи, бу — Чаён. Сиз фақат унинг турқини кўргансиз, лекин ҳали гаплашмаган бўлсангиз керак. Унинг гапи сумбатидан ҳам совуқ.
Бундан уч-тўрт кун олдин ўша Чаён шунақаям таъбимни тирриқ қилдики...
Ўша куни одатдагидек новвойхонага бориб, маза қилиб увоқ едим. Кўзим тўйиб, нафсим қониб, қоринни чирманда қилганимча уйга қайтиб келаётсам, йўлда бирдан ёмғир шивалаб қолди. Югуриб бориб ариқча бўйидаги заҳар замбуруғнинг тагига кириб олдим. Бир маҳал қаёқданам Чаён пайдо бўлди-ю, ҳаллослаганича келиб, у ҳам замбуруғнинг остига суқулди. Орқа оёғимни босганича таққа тўхтади. Болдирларим қирсиллаб кетган бўлишига қарамай, тишни-тишга қўйиб секингина минғилладим:
— Ҳў, ака, оёғингизнинг тагидан чиқиб кетсак майлими?— дедим.
Шунда у чўчиб ёнига ўгирилди-ю, мени кўриб, бирдан думини гажак қилди.
— Моғор кийимда нега менга суйкаласан, вей? Йўқол бу ердан!— дея ўшқира кетди у. Кейин ўхшатиб туриб кетимга битта тепса бўладими! У калтафаҳм билан ади-бади айтишиб ўтирмадим. Ўзимни зўрға босиб, секин уйга қайтдим. Уйга етиб келгунча шалаббо бўлиб кетган эканман, туни билан иситмалаб чиқибман денг.
Ҳа, бу Чаён деганлари шунақа мараз махлуқ, у билан қўшничиликпн аллақачон йиғиштириб қўйганман.
...Мана, танишиб ҳам олдик. Биз тарафларга яна келиб қолсанг, тортинмай тўғри уйимга кириб боравер. Адресимни ёзвол: Бузуқ қўрғон, эски девор, чапдан ўн иккинчи кавак. Ёзиб бўлдингми? Қани, кўрай-чи... Мана шунақа-да, мен ўн иккинчи кавак десам, сен ўн еттинчини ёзибсан! Ўчир! Ўчир дарров! Биласанми, ўн еттинчи хонада ким туради? У ерда ўша лаънати Чаён яшайди-я!

Тошбақанинг ҳикояси

Душанба оғир кун деганлари тўғри экан. Бугун ҳаво шунақаям исиб бсрдики, нафас олсанг, худди чўғ ютаётгандек бўласан. Ҳали ҳеч қанча йўл юрганим йўғ-у, силлам қуриб, томоғим қақраб кетди.
Одамларнинг болаларига маза-да, улар бунақа пайтда салқин жойни топволишиб, муздек лимонад ичи-и-иб ўтиришади, ё бўлмаса бурунларини тортиб-тортиб музқаймоқ ялашади. Хуллас, тошбақа бўлиб минг йил судралгандан кўра, одам бўлиб юз йилгина яшаган маъқул экан.
Билиб турибман, «шунчалик ҳолинг бор экан, сафарга чиқишни сенга ким қўйибди», деб ўйлаяпсиз.
Ҳў, мирзатеракларни кўряпсизми? Ўша томонда битта холам бор. Холамнинг кенжа чевараси қадрдон ошнам. Келаси душанбада ўша кичкинтой ўртоғим бир юз ўн ёшга тўлади. Уни табриклагани кетяпман.
Нега менга бунақа қарайсиз? Бир ҳафта олдин йўлга чиққанимдан ҳайрон бўляпсиз шекилли? Нима, мен айғирмидимки, оёғимга тақа қоқволиб, тош йўлдан шақир-шуқур чопиб кетсам. Орқамдан ит қувласа ҳам бўлган-битганим шу.
Ана холос, гап билан бўлиб, қумлоққа чиқиб қолибман-ку. Ҳаммадан ҳам анави дўнгликка тўғри келиб қолганимни кўрмайсизми. Иш расво бўлди-да. Бунақа дўнглардан кўп панд еганман, ўлиб-тиришиб тепага чиқдим деганингда бир сирғанасан-у, ўзингни яна пастда кўрасан.
...Умрингда бировга яхшилик қилганмисан, ошна? Малол келмаса, мени дўппингга солиб, ана шу дўнгдан ўтказиб қўйгин. Нима бўлсаям, яхши ният билан йўлга чиққанман, зиёфатдан қуруқ қолмайин тағин.

Улоқнинг ҳикояси

Ота-онамдаям, ўзимдаям соқол бор. Бир қарашда учаламиз бир хилга ўхшаймиз. Лекин жудаям унақа эмас. Масалан, дадамнинг бўйнига қўнғироқ осиб қўйилган, аямнинг буғуларникидан ҳам чиройлироқ бурама шохи бор, менинг эса чап кўзим шилпиқ. Кекса серканинг тахмини тўғри чиқса, кўзим шу ёз ичи тузалиб кетиши керак.
Яйловда Маймун деган ярамас махлуқ пайдо бўлмасдан илгари иккала кўзим ҳам соппа-соғ эди. Озгина эҳтиётсизлик қилиб, бошимга шу кўргиликни орттириб олдим.
Ўшанда эрта баҳор эди. Ҳар галгидек бизни саҳарлаб ўтлоққа ҳайдашди. Дадамнинг ортидан саф тортиб, қўнғироқ овозига қулоқ солганимизча булоқ бўйидаги тоғолча остидан ўтиб бораётган пайтимизда «зув-в» этган товуш эшитилиб қолди. Каттакон арча бужури тошдек учиб келиб, тарсиллаганича дадамнинг қоқ калласига тегса бўладими. Дадам бечора бир шаталоқ отди-ю, овозининг борича маъраб юборди.
Бундоқ қарасам, арчанинг баланд шохида бир тасқара махлуқ тиржайиб ўтирибди. Кўзлари бежо. Мен «анави шайтонни қаранглар», деб қичқирган эдим, кекса Серка «бе-е, бу Маймун-ку», дея бурнини жийириб қўйди.
Дадамнинг аламини олиш учун қўй-қўзиларни икки томонга суриб бир оз орқага тисарилдим-да, тапира-тупур қилганимча бориб, жон-жаҳдим билан арчага калла солдим. Маймун шохдан узилган олмадек тап этиб олдимга тушса керак, деб ўйловдим. Йиқилмади. Ҳайрон бўлиб тепага қараганимни биламан, у афтинг қурғур шуни пойлаб турган эканми, қўлидаги арча бужури билан ўхшатиб сопқолди-ю. Чап кўзимдан ўт чақнаб кетгандек бўлди. Бехуш йиқилиб қолибман денг.
Кейин суриштирсам, ўша Маймун ҳайвонот боғидан қочиб келган экан, одамлар уни эртасигаёқ ушлаб кетишибди.
Чакки бўлибди-да. Шу ерда юрганда, у тасқара билан яккама-якка солишиб кўрардим. Ўзиниям бундан кейин қўлига арча бужури ушламайдиган қилиб ташлардим-да.
...Сен анча маданиятли болага ўхшайсан. Ҳайвонот боғига ҳам бориб турсапг керак? Яна бориб қолсанг, ўша Маймуига айтиб қўй, агар қўлимга тушса, нақ жиғини эзиб қўяман. Кейин, ўзинг ҳам чап кўзингга эҳтиёт бўл, хўпми?

Суваламушнинг ҳикояси

Чўртанбалиқларни яхши биламан, бировни назар-писанд қилишмайди. Тарвақайлаган мўйловларидан қувонишади шекилли. Уларда бор мўйлов биздаям бор, лекин шу пайтгача гердайган эмасмиз.
Мен, ҳатто, ўзимдан кичик Тангабалиқларни ҳам ҳурмат қиламан. Мабодо қорним очиб қолса, улардан бирортасини яхшиликча тутиб оламан-да, ҳеч бир қўполлик қилмай силаб-сийпаб туриб, пок-покиза еб қўяман. Мана бу бошқа гап. Бировга ноҳақ озор беришнинг нима кераги бор? Зўравонлик қилиб, ҳали ҳеч ким барака топмаган.
Масалан, Чўртан учига чиққан зўравон эди. Ёмоннинг бир қилиғи ортиқ деганларидек, менинг ғашимга тегмасдан туролмасди.
Ташқарида учрашиб қолсак, кўрмаганга олиб туриб, думи билан биқинимга бир туртиб ўтарди. Ичкарида ётсам, инимнинг оғзига келиб, сувни атайлаб лойқалата бошларди. Бир нарса деяй десам, гавдаси менга иккита келади.
Охири жонимдан ўтиб кетди. Кеча, «ке, нима бўлса бўлар» дедим-у, бақатўннинг тагига кириб олиб, унинг йўлини пойлай бошладим. Бир вақт лаллайганича сузиб кепқолди. Тепамдан ўтаётган пайтда бир сапчиб бўғзидан кирт тишлаб олдим. Жон ширин-да, бир зум типирчилаб турди, кейин сулайди-қолди. Атрофга олазарак қараб қўйиб, уни секингина инимга судраб кирдим. Ўзиям роса етилган экан, кечадан бери еб тугатолмайман.
Эрталаб қуюқ нонуштадан кейин ташқарига чиқиб керишиб турсам, ёнимдан ялпайганича Зоғарабалиқ ўтиб қолди. У олдимда тўхталиб: «Қўшнинг Чўртанбек кўринмайдими?» дея шамадор бир гап айтди. Мен чайналиб ўтирмай «сайру саёҳатда юргандир-да», деб қўя қолдим. Шунақа эзмаларни жиним суймайди. Ўзинг соғомон қилтинглаб юрганингга шукур қилсанг-чи, бошқалар билан ишинг нима?
Умуман, Зоғорабалиқ билан гапни калта қилганим яхши бўлди. Дадам раҳматли «кўп егину, камроқ гапиргин», дердилар. Ҳақиқатанам, юз оғиз гап гапиргандан кўра, битта бақа тутиб еган яхшироқ.
...Мана, ҳамма гапни ўз қулоғинг билан эшитдинг. Хўш, оғайни, менинг хулқ-атворим ҳақида нималар дея оласан?

Эчкиэмарнинг ҳикояси

Тимсоҳнинг жияниман. Бир даврлар тоғам билаи бирга дарёда яшардик. Қурғоқчилик йиллари туйқус сув камайиб кетди-ю, иккаламиз тор жойда жуда қисилиб қолдик. Бунинг устига тоғам ориятимга тегадиган бир-иккита гап айтиб, ғашимни келтириб қўйди. Шундан кейин «ҳайё-ҳуйт» деб, чўлу биёбонга бош олиб кетвордим.
Дастлабки ойларда жазирамага чидолмай, томоғим қуриб юрди, кейин бора-бора кўникиб қолдим. Саҳро — дарё эмас, бу ерда яшайдиган махлуқлар саноқли.
Агар эпчилроқ бўлмасанг, очингдан ўлиб кетасан. Шу туфайли қўнғиздан тортиб, каламушгача бир бошдан тутиб еявердим. Гап ўртамизда қолсин-у, бир кукн пайт пойлаб туриб, битта касалманд Чиябўрини ҳам гумдон қилдим. Хайриятки, унинг безори ошналари буни пайқамай қолишди.
Қишлоқ тарафга боришни ўрганиб олганимдан кейин, янги бир ҳунар орттирдим. Эчки деган ювошгииа жонивор бўларкан, эмсанг индамай тураверади... Сути бирам ширин, бирам мазалики, тўйиб эмиб олсанг, икки кун овқатланмай юраверасан.
Лекин, бу хурсандчилигим ҳам узоққа чўзилмади. Одамлар эчкини эмиб турганимни кўриб қолишиб, мени шунақаям тирақайлатиб қувишдики, бошим омон қолганига ҳали-ҳали шукур қиламан.
Тимсоҳ деган дабдабали номим ана ўшандан кейин расво бўлди. Одамлар менга эчкиэмар деган лақаб тиркашди. Нафси бузуқликнинг оқибати ёмон бўларкан, мана, охири шармандали лақаб орттириб олдим. ...Жон ошна, шу одамлар билан бир гаплашиб кўрмайсанми? Агар улар мени қайтадан тимсоҳ деб аташга рози бўлишса, мен ҳам бундан кейин ўшаларнинг эчкисини эммаганим бўлсин. Бунга кўнишмаса, ўзларидан кўришсин.

1978—1983 йиллар

Qayd etilgan