Inomjon Abdiyev. Arslon yelkasidagi xazina (qissa)  ( 12742 marta o'qilgan) Chop etish

1 B


AbdulAziz  28 Iyun 2010, 18:20:46

Inomjon Abdiyev. Arslon yelkasidagi xazina (qissa)



Muallif: Inomjon Abdiyev
Hajmi: 544 Kb
Fayl tipi: pdf, zip
Saqlab olish
Online o'qish

Qayd etilgan


Ansora  07 Iyul 2010, 14:02:21

Иномжон АБДИЕВ

АРСЛОН ЕЛКАСИДАГИ
ХАЗИНА


Қисса

Эй, улуғ Турон, арслонлар ўлкаси! Сенга не бўлди?
Дунёни “урхо”лар билан титратган йўлбарс юракли
болаларинг қани? Нечун товушлари чиқмайдур?
Абдурауф Фитрат.

Миллат озодлиги учун азиз жонини фидо, умрини
бахшида этган мунаввар зотлар хотирасига бағишлайман.


Кириш
 
Уни кўрмасимдан аввал танидим, билмасимдан олдин йўқотдим.
Бир куни сабоқдош дўстларим ўзлари тез-тез қатнашиб турадиган адабий тўгаракда бир девона пайдо бўлганини, чинданам ғалатилигини айтиб қолишди. Ғалатилиги у тилдан-тилга кўчиб юрган афсонавий хазинани излаётган, ҳар бир гапида ўша ҳақида сўз очганида экан. Бир неча куни у ҳақидаги шов-шувларни эшитиб юрдим. Ниҳоят қисматнинг ўзи бизни рўбарў қилди.
У ҳаёт хаёлотдан бойроқ деган гапни тез-тез такрорларди. Бугун унинг ҳаёти, менинг биқиқ хаёлларимдан чинданам анчайин соҳибжамолроқ эканини ҳис этаяпман. Ундан ягона ёдгор — ҳар доим қўлида кўрганим, лекин ҳеч қачон сўрашга, кўришга ҳафсала қилмаганим қўлдафтарини вароқлар, саҳифаларга муҳрланган лаҳзаларини, лаҳзаларида аксланиб турган фикрлари, қайдлари, кечмишларини ўқир эканман, унинг нечоғли ҳиссиётчан, саргузаштталаб инсон эканинини ҳис қилиб турибман.
Қўлимга қалам олиб, дўстимнинг фақат менга таниш бўлган сирли ҳаётини сиз билан баҳам кўришга жазм этдим.

Кафтдаги васият

 “Қорашат — саххаз — зазағ” — Беҳбуддан эшитган илк сўзларим шу эди.
Уни дорилфунунда, одатда якшанба куни эрталаблари ўтказиладиган ёш истеъдодларнинг тўгарагида учратдим. Қуюқ қора сочлари, бургутнинг тумшуғидек учи сал қайрилган бурни, озғинлигидан бўртиб-бўртиб турган чакка суяклари дарҳол эътиборни тортарди. Сирли юриш-туриши, сўзларни чертиб-чертиб, маънили гапириши кишида чуқур билимга эгадек таассурот уйғотарди. Лекин дастлаб мен ҳам бу йигит ҳақида, унинг ўзига ярашган патала сочлари, одмигина, озғин қоматига қовушмаган кенг-мўл кийимлари, баъзида соч-соқолини ўстириб, девонасифат юришларини эшитиб, у ҳақиқатан ҳам савдойи ошиқ бўлса керак, деб хаёл қилардим.
Баҳорнинг сўнгги эди, чамамда. Мунозарага юқори давраларда ҳам кўтар-кўтар қилинадиган, анчагина таниқли шоира қизнинг манзумалари қўйилганди. Шошиб келаётиб, зинанинг биқинида Беҳбудга урилиб кетдим. Қўлидаги блокноти ерга тушиб, ичидан тушган қоғозлар ён-атрофга сочилди. Камига бир-иккитасини босиб ҳам олдим. Кейин мулзам бўлганча, ердан териб, эгасига узатдим. У ҳам эгилиб, ингичка сариқ рангдаги нарсани олганига кўзим тушди. Узр сўрагани чоғланганимда, “Парво қилма”, — дея гапни калта қилди. Биринчи суҳбатдан сенлашга ўтганидан тўпорилиги билиниб турарди. Иккимиз ҳам мунозара ўтаётган хона томон юрдик. Аудитория талабалар билан тўла эди. Бўш турган охирги партага ёнма-ён ўтирдик. Зимдан назар солиб, Беҳбуднинг ҳаракатида, кийинишида, ёзувида, нуқсида барча даҳолардаги каби бетартиблик, девона ошиқларда учрайдиган паришонлик аксланиб туришини пайқадим.
Баҳс-мунозара қизиб кетди. Беҳбуд эса ҳамма нарсани тамоман унутган кўйи жандаси чиқиб кетган блакнотга нималарнидир қоралар, ўчирарди. Шеър ёзаяпти, — деган ўй ўтди бошимдан.
— Араб тилини биласанми? — деди у тўсатдан. Хаёлдан чалғидим.
Анграйиб қолганимни кўриб, бош чайқади: — “Йўқ, бўлди, узр”. — У яна бемалол ишини давом эттирди. Ҳайрон бўлиб термулиб тургандим, тағин менга қаради. Хижолат бўлиб, кўзимни олиб қочдим.
Қайтишда автобус бекатигача бирга кетдик. Бу сафар суҳбатимиз анча қовушди.
Ўша кундан бошлаб, ўртамизда аллақандай яқинлик пайдо бўлганини ҳис қилдим. Балки бу тасодифдир, бироқ ҳар ҳолда тақдир ҳам худди бу кўнгил яқинлигини қўллагандек, шундан кейин бизни истироҳат боғларида, автобус бекатларида туйқусдан учраштира бошлади. Кейинчалик англаб етдимки, Беҳбуд ўзига яқин бир одамга муҳтожлик сезган-у, ўша мен бўлиб чиқибман.
Илк бор уйига борганим ёдимда. Рости, ҳашаматли кошона Беҳбуд ва қўшни хотиннинг баъзан супир-сидир учун кириб турмаганини айтмаганда, ҳувиллаб ётарди. Юрагим зирқираб кетди. Ичкаридан анқиётган қўланса ҳид ва хона деворларининг алламбало қизғиш-сарғимтир рангдалиги менга ўрта аср вайроналарини эслатиб юборди. Лекин анчайин кўркам қилиб қурилганди. Жодуланган шаҳзода билан ўртоқ бўлган эканман-да, деб ўйладим ичимда. Тўғриси, у ҳам ётоқхонадан қувилган талабадай — худди мен каби шаҳарнинг аллақайси кунжагидаги бирор-бир хонада ижарада туради, деб хаёл қилгандим. Ҳар ҳолда, юриш-туриши ва кийинишидан шунга ўхшарди.
Хонасида нуроний кишининг сурати осиғлиқ экан. Стол устидаги бир коса сув ва тўнтарилган пиёла кетига ўрнатилган шамга кўзим тушди. “Нега?”, — деб сўрадим. “Азадорман, бир ҳафта олдин бобомни бериб қўйдим”, — деди совуққонлик билан. Кейин бобосининг сирли ўлими ҳақида гапириб берди. Ўша лаҳзаларда мен уни элас-элас тушунаётганимни, ташқаридан пала-палапартишликка, тартибсизликка ўхшаб кетадиган, жумбоққа ўралган бу вужуднинг матлаби нелигини ҳис қила бошлаганимни англадим. У ҳикоя сўзлашнинг ҳадисини олганди. Керакли нуқтада эҳтиросга берилар, баъзида гапини кескинлик билан тўхтатиб, суҳбатдошига қандай таъсир этаётганини кузатар, шу пайти ўйлаб олиб, яна давом этарди. Ўшанда ҳам аввал кўзига ёш олди, қорамағиз чеҳраси салобат касб этди.
— Бобом ўлди. Исмлари Зарифиддин, ёшлари етмиш бешда эди, дея бироз майин, ҳирқироқ овозда ҳикоясини бошлади. — Эсимни таниганимдан бери улар билан бирга яшардим. Бобом мени етимхонадан олган экан. Ўруғ оламда яккаю ягона яқиним улар эди. Бир куни кўчадан келсам, хонанинг ўртасида узала тушиб ётибдилар. Хона бўйлаб минг сўмлик, беш юз сўмлик, юз сўмлик пуллар сочилган, бошқа нарсалар тўзғиб ётарди.  Қўлларида икки юз сўмлик пулни маҳкам ғижимлаб олганлар. Юраклари хасталиги туфайли мунтазам таблетка ичиб юрардилар. Жон ҳолатда дорихонага чиқмоқчи бўлганмилар, деб ўйладим. Лекин... дори шундоқ чўнтакларида турган экан.
Шу кундан дунё мен учун қорага бурканди. Ҳаётимдан маъно йўқолди. Лекин... Нима десам экан, бирданига... ҳамма нарса ўзгариб кетди. Ғаройиб нарсалар содир бўлди... Ҳаммаси бобомнинг хонасини йиғиштираётиб, бир хат топиб олганимдан кейин бошланди. Билмадим, қандай тушунтирсам бўлади? Хатликка хат-у, лекин ичида битта тоза қоғоз ҳамда сомон парчаси бор эди, холос. Ким, қачон, қаердан, нима учун юборгани номаълум. Маънисига етмай, бир четга ташлаб қўя қолдим.
      Беш-олти кун ўтгач, уйимизга бир одам келиб, ўзини Шарифиддин деб таништирди. У турк лаҳжасида гапирарди. Ажабланарлиси, нимасидир бобомга ҳам ўхшаб кетар, юриш-туриши, қадам босиши, гапиришида ҳам бобомни кўргандай бўлдим. Лекин у анча ёш кўринарди. Меҳмон бир пайтлар Истанбулда бобом билан яқин бўлгани, аслида узоқ қариндош эканлари хусусида гапирди. Бир лаҳзалик ҳайроналик ичида бу одам мени алдамаяптими, деган шубҳага ҳам бордим. Сабаби, бобом бу ҳақда ҳеч нарса айтмаган эди. Аммо бир ҳисобдан тўғриям. Бобом у қадар хотиралари билан ўртоқлашишни хоҳлайвермасди. Фақат 1939 йили отаси билан афғон орқали Туркияга қочиб кетганини, орадан 30 йилча ўтиб, яна Ўзбекистонга қайтганини билардим, холос. Меҳмон билан анча вақтгача гаплашиб ўтирдик.  У гап орасида менинг ўқишим, нима иш қилишим билан қизиқди. Марҳумнинг ҳурмати ҳаққи, хоҳласам, Туркияда ўқишимга кўмаклашишига шаъма қилди. Хайрлашиш чоғи қандайдир эски китоб ва яна яқин орада бирорта мактуб келган-келмагани хусусида ҳам сўради. Мен билмаслигимни айтдим. У чиқиб кетар экан, дабдурустдан орқага қайрилди-да: “Бу хонадонга яна қачон келаман, хонасини кўрсам бўладими?”, — деб қолди. “Майли”, деб йўл бошладим. Бобомнинг хонасига кирганимизда, ичкарини синчиклаб кўздан кечираётганини илғадим. Кейин стулга чўкиб, касаллигидан шикоят қилди-да, нафаси қисиб кетаётганини айтиб, мендан сув сўради. Косада сув олиб келганимда, меҳмон ҳамон стулда ўтирар, рўмолчаси билан юзига ҳаво елпирди. Чиқиб кетаётганимда, ёпиқ турган китоб жавонининг эшиги бироз қия очилганини сезсам ҳам, сир бой бермадим. Меҳмон ўзига келиб олгач, бобом билан бир пайтлар яқин бўлганини эслатиб, мендан “Бу ерга тез-тез келиб турсам бўладими?”, — деб сўради. Розилигимни эшитгач, раҳмат айтиб чиқиб кетди.
   Кўнглимда шубҳа уйғонди.  Бобомнинг тўсатдан вафот этиши, сирли мактуб ва антиқа меҳмон муштараклигида менга нотаниш бўлган аллақандай жумбоқ кўз очиб тургандек  туюлаверди. Лекин ҳали ноъмалум, ўзи йўқ чигалликни қандай ечиш мумкин? Энг аввал кўнглимга шубҳа чўғини ташлаган мактубни ўрганишга киришдим. Ҳарчанд уринмай унинг тагига етиш, менга ноъмалум бўлиб келган бобомнинг сирли оламига киришга уринишим беҳуда кетарди.
  Хаёл билан мактубни кўчага олиб чиқибман. Эсингда бўлса, сен билан танишган кунимиз у ерга тушиб,  чангга беланди. Уйга келиб қарасам, унинг маълум қисмларида ғайритабиий тарзда ғубор излари қолиб кетган экан. Ўшанда қоғоз ғуборга, ёки қора тутунга тутилса, юзасида аллақандай ёзув пайдо бўлиши, бу усулдан авваллари жуда кўп фойдаланишгани ёдимга тушиб кетди. Дарҳол, қўлимга биринчи тушган нарса — ручкамни ёқдимда, қоғоз юзасини қурумга буркадим. Кейин диққат билан эътибор берсам, саҳифа сиртида “Беҳбудий Уя СИ-5 20..” деган ғира-шира ёзув пайдо бўлибди. Энди олдимда навбатдаги жумбоқлар қалаша бошлади? УЯ СИ-5 нима? Нега Беҳбудий деб ёзишди? Ва яна унинг бобомга нима алоқаси бор? Шундан сўнг изланишга, китоб титишга тушдим... Ҳозирча мана шунақа гаплар.
Беҳбуд ҳикоясини тугатгач:
— Булар ҳақида ёзмайсанми? — деди менга илинж кўзлари билан тикилиб. — Ҳали сенга кўп ажойиб воқеаларни айтиб беришим мумкин. — Кейин қўшиб қўйди: Мен бунинг охирига етаман. Ўзим ёзардим-у, қўлимга қалам олсам, ичимдан иссиқ ҳовур қўзғалиб, юрагим ёниб кетадигандек туюлаверади. Гўё бир зум ўтиб, бу ҳовурдан теварак-атрофга ҳам ўт илашадиган, дунё алангга ичида қоладигандек. Шунинг учун сен ёзсанг бундан хурсанд бўлардим. 
Ўша куни уйга келиб, қоғоз-қалам олдим. Столга бош қўйиб, узоқ вақтгача, ўй суриб қолдим.

Бухоро Амирининг таҳдиди

1917 йил 7 апрел. Бухоро. Истибдод зулмидан эзилган мазлум халқ пешонасини эрк насимлари силай бошлади. Аммо Бухоро ҳамон қўрқув ва таҳлика туманига ўралганди. Осмонни қорага буркаган булутлар ҳамда аллақаерлардадир буриқсаётган тутун тез орада мудҳиш бир воқелик рўй беришини башорат қиларди. Шаҳарда қадимчилар ва жадидлар ўртасида тортишувлар, ихтилофий зиддиятлар хуфёна авж олган, кунора гуноҳкор деб топилганлар омма олдида сазойи қилиниб, боши танасидан жудо қилинар, кийими йиртилиб, орқа баданининг териси титилиб кетгунча саваланарди. Бу долғали кунларда манғитлар сулоласини қандай бўлса-да сақлаб қолишга чиранган амирнинг ҳам боши қотганди. 
Юмалоқ мис гардишли кўзойнак таққан, ўрта бўйли, серсоқол, бошига жигарранг салла ўраган, эгнига гирди бўйлаб қизил рангдаги чироз югуртирилган яшил беқасам тўнли  42-43 ёшлардаги бир киши Бухоронинг баланд минораларига термулган кўйи хаёл суриб ўтирибди. У ўзининг кейинги икки кун ичида қилган ишларини бир-бир сарҳисоб қилиб чиқди. Хаёлидан Бухоро Амири рус консули Миллер билан келишиб, мамлакатда ўзгаришлар қилиш учун Манифест эълон қилишга қарор қилиши, исён кўтарилмаслиги учун Самарқандга мактуб юборилиши ва шу мактубга асосан Чартуев, Гартсфилд, мулла Ҳайдарбек, Исохоров ва ўзининг Бухорога жўнатилиши бир-бир ўтди. Кейин вогзалда шахсан рус консули Миллернинг ўзи кутиб олди ва манифестни ўқитиб, фикрини сўради, сўроққа тутиб, таҳдид қилди... У бу ишлардан кўнгли бироз хижил тортди.
 Бир неча соат муқаддам Раҳимхоний меҳмонхонасида Манифест эълон қилинганидан сўнг, амир ҳам барча ила қўл бериб кўришиб, салла ва чопон кийган уч мусулмон билан саломлашишни лозим топмаганини эслаб, буни ҳам ёмонликка йўйди. У гўё ўпқоннинг ўртасига тушиб қолгандек эди. Вазият ҳам сал бўлса издан чиқиб кетадигандек. Ҳар ҳолда бу воқеаларда рус консулининг қўли борлиги аниқ. Вагондаги суҳбатда ҳам манифест сакталиги юзасидан билдирган эътирозлари унга ёқинқирамаганди.
Маҳмудхўжа минора тепасига ин қурган лайлакни маҳзун кузатди. Кейин унга маҳлиё бўлиб қолди. Шу лайлак ҳам мендан бахтиёр, деб хаёл қилди у. Лекин бу қабоҳат иси келаётган маконни тез орада лайлаклар ҳам тарк этажак. Аввалги келганида улар кўп эди. Энди кўз билан санарли... “Э яратган эгам, бу жонзотлар Бухорода бўлмаса, бошқа шаҳардан бошпана топади, аммо биз бандаларинг, ўз юртимизни ташлаб, қаерга сиғинди бўлайлик, қачон бизга тўзим берасан?” Лаблари орасидан сизиб чиққан бу сўзлар, ўзини ҳам сергак торттирди.
Ҳамроҳи Мулла Ҳайдарбек келиб, уни саройга чақиртиришганини айтганда юраги шув этиб кетди. Кетаётиб, ҳар ташлаган қадамида, ҳозир уни нима деб сўроққа тутишларини, ўзи нима дейишини тахминан чамалаб борди.
Маҳмудхўжа аркка киргач, панжаралар орасида суллайиб ётган маҳбусларга кўзи тушди. Амир отхонасидан чиқаётган ахлатлар махсус қувурлар орқали уларнинг бошидан қуйиларди. Афтидан маҳбуслар аллақачон бу кўргуликка кўниккан шекилли, барчалари бепарво. Аммо Маҳмудхўжа ғижиниб кетди. Баъзи бирларига термулиб, уларнинг кўзларидаги мунгдан маъюс тортди. Кўнгли бадтар эзилди. “Улар наҳотки, шунчалик бешавқат қисматга маҳкум гуноҳкорлар бўлса?” — деб ўйлади. Аслида амирнинг зиндони саройнинг орқа тарафида деб эшитганди. Минглаб маҳбуслар битхона ва канахоналарда ўлимини кутиб ётишибди. Лекин саройга кираверишда ҳам маҳбусхоналар қурилиши ва аркка келган одамларга уларни пеш қилиш нега керак бўлди экан? Ў бу амирнинг куч-қудратини намойиш этиш, кишиларда қўрқув уйғотиш учунми?!
Маҳмудхўжа маҳбусларга қарамасликка интилди, кўзларини олиб қочди. Шу топда бундан анча йиллар олдин бўлган воқеаларни хотирлади. Маҳмудхўжа умри имом-хатиблик билан ўтган отаси Беҳбудхўжа вафот этгач, тоғаси Қози Муҳаммад Сиддиқнинг қўлида тарбия топганди. Аммо бир неча йил ўтиб, тоғаси ҳам дорил бақодан дорил фанога рихлат этди. Лекин ҳаётининг сўнгги сонияларида, унга авлодлари зиммасига буюк вазифа юклатилганини ва аллақандай хазинанинг сири ҳақида сўзлади. Ажал талвасаси бунинг бутун тафсилотини батафсил эшитмоғига йўл бермади: тоғаси зўрға нафас олар, афтидан Маҳмудхўжанинг қатъиятига бироз шубҳа ҳам қилаётгандек эди. Тоғаси хазина сирининг ниҳоятда махфийлигини, уни фақат миллат, юрт заволга юз тутмоғи тайин бир пайтда ишлатиш, ўшанда ҳам улуснинг энг ишончли забардаст ўғлонига бериш ва у хазинани фақат юрт озодлиги ва фуқаро дастурхони тўкинлиги йўлида тасарруф этиши жоизлиги ҳақида қайта-қайта сўзларкан, сўнги лаҳзаларида “Шердор” дейишга улгурди халос. Маҳмудхўжага ёстиғи тагида қолган, умр бўйи қўлидан қўймаган эски бир китоб ёдгорлик бўлиб қолди. Дастлаб тоғаси нима ҳақида гапирди, нени сўзлади, унчалик идрок қилмади. У эсанкираб қолганди. Мурғак қалбида ниш урган бу мусибат унга ҳар қанақасига ҳам бу онларда бойлик тўғрисида ўйлашга изн бермасди. Кейинчалик дарди ариб, бу тақдир ройи эканига кўникканидан кейин қорачиғларида қотиб қолган тоғасининг сўнгги лаҳзаларини, гапларини хотирлар экан, барчаси онгу шуурига чирмашиб кетди. Яратганнинг амри билан то унгача етиб келган бу васиятни қандай қилиб бўлса ҳам бажармоғи лозим эди. Кейинги йилларини ўқиш-ўрганишга сарф этди. Самарқандда, Бухорода таҳсил олди. Замонасининг буюк инсонлари суҳбатига мушарраф бўлди. Шарқ мамлакатлари, Питербург, Москва шаҳарларига саёҳатлар қилди. Аммо бир лаҳза бўлсин зиммасидаги масъулиятни унутмади. Изланди ва хазина яширилган жойни тахминан бўлсада аниқлади...
Маҳмудхўжани амирнинг олдига олиб киришди. Анча семириб кетган ва бундан азият чекаётгани юз-кўзидан билиниб турган Амир Саййид Олимхон зарбоф тўнда ўз тахтида савлат тўкиб ўтирарди. Саройда ундан ташқари Насрулла Қушбеги, амирнинг куёви Асатулло Гуванар Урганжи, “Жаллодбек” лақабли асл исми Имомқул бўлган бош хазинабон бор эди. Маҳмудхўжа таъзим қилиб, салом берди.
— Ва-алайкум ассалом, келинг Маҳмудхўжа, — амир унга жой кўрсатди. Тахт соҳибининг кўзларида айёрона табассум зуҳур бўлди.
— Қуллуқ, амирим, давлатингизни Аллоҳ таоло бундан ҳам зиёда қилғай.
— Нафаслари муборак, иншоллоҳ. Суҳбатингизга анчадан бери чанқоқлигимиз бор эди.
—Бу мен учун шараф. Аммо бир нохуш хаёл тинчлик бермай турибди. Негадир бояги учрашувда бизларни табаррук саломингизга-да раво кўрмадингиз?
—Буни вазият тақозоси деб билинг.
— Қуллуқ, амирим..... Аммо.... кўп хайрли ишни бошлабсиз, Бухорода кенг бир ислоҳоти шаърия жорий этмоқ қарорингизни қутлайман. Аъло ҳазратнинг бу бахшиши шоҳоналари ҳалойиқнинг тараққий ва осойишига, албатта, сабаб бўлур. Лекин... муғлоқ суръатда Самарқанд халқининг Бухорога фасод нашр қилмоқларидан хавфсирамоғингизга ва бизни чақиртирмоғингизга сабаб йўқ эди, деб ўйлайман.
 — Муфти ҳазратлари, — амир бироз сукут сақлади, кейин сўзида давом этди, — февраль инқилоби ҳаммамизни шошириб қўйди. Русия тахтида ўтирган Романовлар сулоласи йиқитилди. Сулоланинг охирги ҳукмдори Николай II тахтдан воз кечди. Давлат тепасига Керенский бошлиқ муваққат ҳукумат келди. Бундай бўлишини ким ҳам ўйлабди дейсиз? Ўйлашимча, муваққат ҳукумат устунлари ҳам дарз кетажак. Мени айтди дерсиз, катта бир хунрезлик бўлиши тайин. Камина шунинг чун Бухорога четдан исён ораламоғини истамайман.
— Калтафаҳм қулингизни маъзур тутинг, амирим.
— Сизни нега ҳамроҳларингиздан аюруб, бу ерга чақиртирганимизни фаҳм этган бўлсангиз керак?
Маҳмудхўжа билмайман, дегандек елка қисиш билан кифояланди.
— Наҳотки, ҳар нарсага етган ақлингиз, шу нарсага келганда қосирлик қилса?..
— Жаноб Миллер каминани вагонда анчайин бўлмағур гаплар билан сўроққа тутди. Ҳазратим, шуни назарда тутаётган бўлсангиз, бу гумроҳликдан ўзга нарса эмас.
— Гумроҳлик деюрсизми? — амирнинг овози шиддатли тус олди. — Бу талаб, бу бизнинг талабимиздур. Аждодлар хазинаси қаерга яширилган?
Маҳмудхўжа вазият қалтислигини англади. У йўл-йўлакай бунга не деб жавоб бермоғини ўйлаганди, бироқ айни ҳолат бундан чекинмоқни талаб этарди. Аслида, Бухорога келмаса бўларкан.
— Жаноб Миллер ҳам менга шундай таҳдид қилди, — деди у беҳол товушда.
Савол-жавобга Насрулла Қушбеги ҳам аралашди:
— Бизни алдаш мумкинми? Бир пайтлар Исмоил Сомоний асос солган, тўплаган кейинчалик Соҳибқирон Темур томонидан янада катталаштирилган хазинанинг сиздалигини билурмиз. Товланмоқни бас қилинг. Ёки ёзган “Падаркуш” драмангизнинг номи нимага ишора қилишини, чиқартурган “Ойна” журналингизнинг биринчи сони муқовасини нега Шердор мадрасаси пештоқидаги суврат билан безаганингиз ва Хўқандбой Абдухолиқ ўғли, соатчи Бадриддинлар билан қидирув ишлари олиб борганингизни эслатайликми? Туркистон харитасини тузиб босмадан чиқарганингиз, жўғрофияга оид асарлар битганингиз, аслида не мақсадни кўзлаганингиздан дарак бермасми? Фарғоналик уломочилар билан ҳам боғланиб, бу масалада фикрлашганингиз бизга маълум.
Маҳмудхўжанинг оёқларидан мадор қочди. Асаб касалидан азият чекиб юрган киши учун энг яқинидан ҳам яшириб келган сирини ўзга бир кимсадан батафсил эшитмоғи, у учун ниҳоят оғир эди. Вале энди ортиқча турланмоқ ҳам ғоят хатарли. Маҳмудхўжа амирга ҳам, қушбегига ҳам бир-бир назар солди:
—   Қўйинг, бу эски гапларни. Барчамиз ўз фарзимизни бажарайлик. Ўшларни ўқитмоқ бизнинг бўйнимиздаги қарз, илм сабаби иззати дунё ва шарофати охиратдир.  Сиз шу юртнинг боши бўлуб, фарзандларимизга дунё эшикларини очиб беринг. Халқни зулукдек сўриб келаётган босқинчиларни қувиб солмоққа қарор беринг.
— Маҳмудхўжа, — амирнинг қаҳрли товуши янгради, — биз сиздан бошқа нарсани  сўрадик. Улус орасида “Амири маъсум” номи ила машҳур бўлган бобокалонимиз манғитлар сулоласининг аълоси Амир Шоҳмурод сизнинг она томонингиздан бобонгиз қори Ниёзхўжани Урганждан Самарқандга олиб келгани, умрининг сўнггида эса 22 ёшли ўғли Амир Саййид Ҳайдарга инонмай хазина ҳақидаги сирни ўзидай художўй қори Ниёзхўжага ишонганини билурмиз.
— Байтул мол бўшаб қолдими, аъло ҳазратлари?... —  Беҳбудий терс гапирмоққа чоғланган бўлса-да, кейин бироз сукут сақлаб, янада маҳзунлашди: — Амирим, сиз адашаётганинингизга кафилмен. Ҳоҳланг ўлдуринг, хоҳланг сўйинг, жоним сизга нисор ўлсин. Баски, ўзим билмаган нарсам ҳақида гапирмагим ножоиз. Ўзимда йўқ нарсани ҳам сизга беролмасман, деб қўрқаман. Уломочилар ҳам бегона эмас, шу жафокаш халқнинг ботир ўғлонлари.. Улар билан турли хил сабаблар билан учрашганим, юрт озодлиги юзасидан алоқада бўлганим рост. Бунинг сабаби — мақсадимиз муштараклигидадур.
— Мақсадимиз муштараклиги? — Амир қаҳ-қаҳ отиб кулди! Кейин овози яна қаҳрга инди: — Бизнинг мақсадимиз-чи? Биз Она тупроғимиздан босқинчиларни қувиб солишни истамаймизми? Бунга салоҳияти ҳам, қудрати ҳам етгувчи инсон ёлғиз биз эмасми? Баски, хазина ҳам салтанат эгасида бўлмоғи лозимдур. Керак бўлса, бугуноқ Шердорнинг кулини кўкка совурурман. Керак бўлса, Самарқандни ёқурман, лекин хазинани сиздан олурман. Яхшиликча уни менга беринг, мен халққа қайтарурман.
Маҳмудхўжа хазина менда эмас, дейиш билан ўзини оқлай олмаслигини фаҳмлади. Шу боис сиполик билан сўзида давом этди. Унинг мақсади амирга таъсир этмоқ, ожиз жойидан тутмоқ эди:
— Амирим, сиёсат бир бузуқ хотин кабидир. Ҳеч бир давлат ўз-ўзидан мустамлакасини бўшатмоқ истамас. Тарих ингроқларига қулоқ тутинг. Бухоро тахтида манғитлардан бурун аштархонийлар, шайбонийлар, темурийлар, чиғатойлар, салжуқийлар, ғазнавийлар, сомонийлар.... ҳукумронлик қилишди. Ҳаммаси охир-оқибат таназзулга юз тутди. Боисини ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Ҳазрати олийлари, кўраяпсизми, салтанатлар ҳам, шахслар ҳам муқим эмас. Лекин раиятга қилинган яхшилик абадул-абад қолажак. Сиз буюк сулола фарзандисиз. Бу сулоладан қассоблар ҳам чиққан, маъсумлар ҳам. Амирим, бу икки хислат сизнинг томирларингизда ҳам жўш урмоқда. Маъсумликни фуқароларингизга, қассобликни душманларга кўрсатинг. Билурман, сиз ҳам юртни озод кўрмак истаги билан ёнурсиз. Аммо сизда журъат йўқ, ҳаммасидан бирданига мосуво бўлиб қолишдан қўрқурсиз. Билингки, бир куни барибир шундай бўлажак. Бир пайтлар бобокалонингиз қабрлари нурга тўлгур Амир Музаффархон ҳам оқ отда Питербургга кириб бораман, деб эди...
—   Ҳаддингиздан билинг....
—   Амирим, ўзингизни четдан кузатиб кўринг, бу нечоғли завқли эканини туясиз. Шундай муҳим давлат ишлари қолиб, сиз мендан йўқ нарсани сўраб туришингиз ниҳоятда кулгулидир. Наҳотки, шунча катта давлат ва беҳисоб бойликлар эгаси бир фақирдан афсоналарни тилаб турса?! Майли, сизнингча, бу ҳақиқат ҳам бўлсун. Аммо билингки, халқ ўзгага тобе бўлур ўлса, унга минг ганжина ҳам тотимас.
— Биз ҳеч кимга қул эмас.
— Бу нобакор қулингизнинг шаккоклигини дариғ тутинг. Аммо сиз ҳазратнинг ҳали эълон этилмаган манефестингизни жаноб Миллерининг қўлида кўрдум. Буни сизнинг ожизлигингиз деб тушунайликми, ёки Русия консулининг тадбиркорлиги дебми?
Амирнинг қошлари чимрилиб, кўзлари дарғазабликдан ёнди, қўллари муштланиб, ер тепинди. Кейин бирдан бўшашди:
— Тилингизга эҳтиёт бўлинг, Маҳмудхўжа... Бўйнингиздаги бошингиз ортиқчалик қилмоқда, шекилли?! Биз, албатта, русларни юртимиз сарҳадларидан қувиб чиқарурмиз, иншооллоҳ. Мен сизга буни ваъда бераман.
—   Ҳазратим, майлими, сизга ривоят сўзласам?
 Амир ихтиёрсиз бош ирғади.
—   Қадим замонда чин музофотида Чунғичин деган зот бўлган экан. У саёҳат қилиб юриб, адашиб, қабристонга кириб қолибди. Қараса бир мозорнинг ёнида ёш хотин қўлида елпиғич билан елпиб турибди. Чунғичин бу қадар ажиб ҳаракатни англамоқ шавқинда ёш бонудан бунинг сабабини сўрабди. Хотин қизарибди, бўзарибди, бошини эгиб олибди, аммо зинҳор бир сўз демабди.
Шунда ўша ердан ўтиб кетаётган бир жувон сайёҳга оқ елпиғичли аёл ҳақида гапириб берибди. “Қабр каноринда кўрганингиз Лу исмли хонимдир, дебди у. —Хоним ҳозир эрининг мозорини елпияпти. Бунинг сабаби Лу хоним турмуш ўртоғининг жони узилаётганда ундан сўнг яшамаяжагини, яшаса ҳам бошқа бировнинг хотини бўлмоқға асло рўйи ризо кўрсатмаслигини айтади. Аммо эри: “Бону бундай аҳд этманг, фақат мозорим устидаги туфроқ қуригунга қадар мани унитмасликка аҳд этсангиз кифоя”, — дейди. Лу хоним мунинг учун маҳкам аҳд этади. Аммо ёстиқдошининг вафотидан уч кун ўтмай, таъзияга келган ёш йигитни ёқтириб қолади. Йигит ҳам унга кўнглини очади. Шундан буён бу аёл елпиғич олиб, эри қабрининг туфроғини қуритмак ва ёш йигит билан тезроқ бирга бўлмоқ ҳаракатида”. Амирим, сизнинг азму ҳаракатингиз ҳам, сўзларингиз ҳам шу аёлнинг ваъдаси кабидур. Такрор айтаман, — Маҳмудхўжа сўзига урғу берди. — Мени қўрқитаман деб заҳмат чекманг. Худойимнинг бизга юборатурғон ўлумига мунтазирмиз. Ҳар ҳолда ўлим бирдур, икки эрмас.
— Сиз билмайсиз – ҳикоя таъсиридан Амир Олимхон чуқур сўлиш олди. — Мени миллатни ўйламайдур, деб хаёл қиласизми? Ман ҳам шул элнинг фарзандиман. Ва сизни ҳам Қиримларнинг Ғаспиралиси, Қозон татарларининг Қаюм Носирийси, усмонли туркларнинг Аҳмад Мидҳати сингари улус муаллими деб билурман. Аммо сиз мани билмаюрсиз. Менда дард йўқ деб ўйлайсиз. Бу ёқда ўрислар, бир ёқда қадимчилар, яна бир ёқда эса сиз — жадидлар — камина уч оловда жизғанак бўлаётган одамман. Каминага ҳеч бир хазина керакмас. Аммо у душманларим қўлида менга кўтарилган қиличдир. Шунисидан қўрқамен”.
.......
Шу пайт маҳрамлардан бири кириб, саройга Русия консули Миллер келганини айтди.  Амир шошиб сўзини якунлади:
— Майлига. Хазина ҳозирча сизда тургани ҳам тузук. Аммо зинҳор унутмангки, бугундан ортингиздан икки дафъа соя пайдо бўлур. Ё қочмоқ, ё хазинани кимгадир бермак, ёинки ўз билганингизча тасарруф этмак истайсиз, бошингиздан ажралурсиз. Бу сўнгги сўзум.

Сайёра

Нохуш тушдан беҳол бўлиб уйғондим: Дастлаб ўзимни улкан дарахтзор ичида кўрибман. Унинг барглари ғиж-ғиж, ранги эса негадир қоп-қора эмиш. Бир пайт шамол туриб, улар ерни зулмат рангига бўяди. Дарахт шоҳларида мевалар қолди, халос. Йўқ, адашибман. Туйқусдан уларнинг мева эмас, одамнинг каллалари эканини пайқадим. Бужмайган, чақчайган, ўқрайган башараларга тикилиб, ичимда совуқ бир ҳаяжон қўпди. Қўрқувдан қалтирай бошладим. Томирларимдаги қоним шовуллаб, юрагим орқага тортиб кетди. Бир пайт каллалар ҳам ерга дув-дув тўкилди. Қочдим. Чопаяпман-у, изимдан улар илон янглиғ вишиллаб, думалаб келаётганини сезаяпман. Худди мени — дунёдан безган, уларнинг қисмати устидан кулган, муқаррар равишда бошқа тақдир йўриғига юрмоқчи бўлган кимсани маҳв этмоққа қасд қилгандек. Бир пайт кўз олдим жимирлаб, тўлқинланди. Қўрқувни ҳам унутиб секинладим. Йўқ, бу ер экан, оёғим остида ер ўприлиб, айлана ҳосил бўлди. Ўшлигимда бир тўда тенгдошлар тупроғи юмшоқ жойларда ажибтовур чуқурча ҳосил қилган ҳашоратни тутиб, оёғимизга, қўлимизга суртганимиз эсимга тушиб кетди. Лекин у ҳашорат қазган рюмкасимон чуқурнинг оғзи нари борса ангешвонадек келарди. Қаршимдаги чуқур эса ундан 100-200 баробар катта эди. Юрагимда яна ваҳм пайдо бўлди. Чуқурнинг ичи тобора ўйилиб бораркан, унинг тубида аллақандай қайишқоқ мавжудод ҳаракатланаётганини кўрдим. Кейин унинг қаҳ-қаҳ отиб кулаётгани эшитилди. Йўқ, мен ҳеч бир товушни эшитмаётгандим. Бу овоз менинг ичимдан келаётганди...
Кўзимни очганимда аъзои баданим жиққа терга ботибди. Анча вақтгача кўрган тушимни ўйлаб шифтга термулиб гарангсиб ётдим. Уни ўзимча таъбирлашга уриндим. Аммо ҳеч нарса чиқмади. Кейин хаёлим бугун қилишим керак бўлган ишлар томон судралди. Дераза пардаси тортиб қўйилган, ташқари рутубатли эди. Аммо бироз ўтиб, ҳозир тонг эмас, балки қуёш ботар пайтидаги ғира-ширалик экани эсимга тушди. Тушликда тўйиб овқатланиб, ухлаб қолган эканман. Бирдан курсдошим Сайёрани эсладим. У бугун мени туғилган кунига таклиф қилганди. Апил-тапил кийиндим-да, уйи томон  йўл олдим. Йўл-йўлакай бир буклет гул олишни ҳам унутмадим.
У ҳаддан ортиқ, кишини ақлдан оздирар даражада соҳибжамол эди. Иккита тим қора кўзлари устидаги қалдирғочқанот қошлари ҳар қандай тирик жонни ўзига сўзсиз асир этарди. Гарчи у менга ёқса-да, доимо унинг хаёли билан яшасам-да, шубҳакор ақлим мени тинимсиз тергаб тургани, ҳақиқат сарҳадларида яшашга мажбур этгани боис изҳори дил этишга уринмасдим ҳам. Фақат хаёлимда, ўзимнинг мўъжазгина дунёмда у билан бахтли эдим. Уни хоҳлаганимча қучардим, бўлиқ лабларидан ютоқиб бол симирардим, сочларини силардим. Оҳ, мен Яратганнинг дунёсида қанчалик намунали бўлсам, ўзимнинг яратиқ оламимда шунчалар зинокорман-а!? Минглаб, йўқ, миллионлаб саволлар қалашиб кетган бошимдаги мени бошқарувчи кучнинг тартибли ҳаракати тахайюл отига мингашгач, юракнинг туб-тубида занглаб ётган жиловсиз ҳиссиётларга эрк бериши, ҳадсиз ва ҳисобсиз ҳисларга чўмилиши ва ўзининг бетимсол чанқоқлигини қондириши шу биргина қиз теграсида чарх уриб айланарди. Лекин асосий воқеликда  унга бор йўғи, ҳазил қилиш билан чекланардим. У эса.. тўғриси, кўпда тушунмасдим. Афтидан Сайёра атрофини қуршаган ҳашаматдан, аниқроғи, у туҳфа этадиган сохта самимиятдан азият чекарди. Баъзида соатлаб суҳбатлашиб қолганимизда, у доимо ҳаётидаги нималардандир маҳзун қарашлари билан норизо эканини сездириб қўяр, мен эса унинг маъюс чеҳрасига, ўзим балқиб турган қорачиқларига боқиб, хаёл суриб қолардим: “Унга меҳр либоси кийдирилган эътибор зарур. У мен ҳақимда ўйлайди. Балки умр йўлларида қўлтиқлашиб кетаётган ёр сифатида тасаввур ҳам қилмас. Лекин ўйлашига, ўқтин-ўқтин эсига тушиб кетишимга шубҳаланмайман”.
  Мени ўзи кутиб олди. Ичкарида ҳийлагина шаҳарлик дўстлари тўпланган экан. Сайёра янада очилиб кетибди. Бежирим ҳаворанг куйлакда мовий кўллар фариштасига ўхшаб қолганди. Гарчи табиатимга ёт бўлса-да, даврага сингишга ҳаракат қилдим. Аммо негадир хаёлим паришон эди. Шовқиндан безиб, залга чиқдим. Зинадан пастга тушиб, зални, деворларга илиб ташланган турли хил сурат-полотноларни томоша қила бошладим. Боя кираверишда пайқамаган эканман. Бу полатнолар буюк мўйқалам соҳиблари Леонарда Да Винчи, Микаланжело, Ван Гог, Салвадор Далье, Ренуар, Ван Гог, Моне асарлари нусхалари эди. Уларга анча вақтгача термулиб қолдим.
—   Нега қочиб қолдингиз, — ортимдан Сайёранинг овози эшитилди.
—   Йўқ, ўзим шундай сокинликни қўмсадим,  — дедим синиқ жилмайиб.
—   Тўғрисини айтинг, нимадандир безовтамисиз, ё қўрқаяпсизми?
—   Нимадан?
—   Билмадим, балки.. Балки севги изҳор қилишдандир... — У менга қараб кулди.
—   Нима... йўқ.
—   Йўқ?
—   Ҳа... йўқ.... унақа эмас, — кўзларимни ундан олиб қочдим. — Уйларингиз анча ҳашаматли экан. Мана бу суратлар  бошимни айлантириб қўйди.
—   Сизга нима бўлди, ўзи?, — унинг сўзлари ҳам маҳзунлик тўнини кийди.
—   Эрталаб нохуш туш кўргандим...
—   Айтиб берасизми?
Унга кўрган тушимни гапириб бердим.
У “буни кўп ўйламанг”, —деди. Кейин: “Ҳозир тўхтаб туринг”, — дея у битта хонага кириб кетди. Бир муддат ўтиб, қайтиб чиқди-да, мени зина ортидаги хонага бошлади. Унга индамай эргашдим. Кирмасимдан димоғимга китобнинг хуш ҳавоси урилди. Хонадаги шифт қадар баланд жавонларга турли хил китоблар териб қўйилган экан. Сайёра тўсатдан деворга ўрнатилган бургутнусха баҳайбат соатнинг  мурватини буради. Қараб турдим. Соат миллари 22:22 ни кўрсатганда жавонлар ораси илкисдан қўзғалиб, худди эшикнинг икки қанотидек ортга сурилди. Кўз олдимизда яна бир темир эшик намоён бўлди. Сайёра боя ичкари хонадан олиб чиққан, қўлида айлантириб, ўйнаб келаётган калити билан эшикни очди. Кейин менга қараб, кўрсаткич бармоғини лабига босди-да, ичкарига бошлади. У чироқни ёққанида ўзимни музейга тушиб қолгандай ҳис этдим. Мен умримда кўрмаган баҳайбат қандилнинг олтинранг шокилалари ён-атрофга ёрқин нур элаб турарди. Хона деворлари ҳам худди залдагидек, мен кўпда билавермаган, аммо ора-сира телевизорда кўриб қоладиган турли суратлар, полотнолар билан безатилганди. Пастда турли шаклдаги аёл ва эркакларнинг, ҳайвонларнинг ҳайкаллари қатор турарди. Узун ойнаванд столларга териб қўйилган тангалар, қиличлар, совутлар, дубулғалар, милтиқлар, пичоқ ва ханжарлар, бежирим кўзалар, чети нақшинкор косалар ва яна аллақандай ғайритабиий метал ва сопол буюмлар эътиборимни тортди.  Улар шу қадар дид билан жойлаштирилган эдики, ҳайратимдан юрагимнинг уришини қулоқларим остида эшитгандек бўлдим.
—   Мана бу Леонарда да Винчиникими?, — қизиқиб, деворга осиғлиқ, чала-ярим чизилган сурат ёнига бордим.
— Йўқ, бу Рафаэлнинг “Муқаддас оила ёки Марварид”  асари, — деди Сайёра оҳиста. Шу лаҳзада киприклари оҳиста титраб кетганини кўрдим.
— Қойил қолмай илож йўқ, роса ўхшатишибди. Уни ким чизган?
— Рафаэл.
Нега бунақа деяяпти, мени оми деб ўйлаяпти, шекилли деган хаёлга бордим. Бироз жаҳлим ҳам чиқди. Биламан, аммо ким нусха кўчирганини сўраяпман, —дедим.
— Қанақа нусха, — у ҳам менга ажаблангандек тикилиб қолди. — Бу асл нусха, —кейин қўшиб қўйди: Бу хонадаги ҳамма нарса асл. Кўчирилган нусхалар залдаги деворларга осилган. Тўғри, бу сурат хомаки нусха, лекин барибир муаллифи Рафаэл. Мана унинг ҳақиқийлигини Пиза лабораторияси олимлари тасдиқлаган ҳужжат. Рафаэл 1518 йили граф Кассонанинг буюртмаси билан бу асарни бир неча нусхада чизади. Аммо асл вариантини чизаётганда тўсатдан вафот этади. Натижада уни рассомнинг шогирди  Жулио Романо чизиб битказишга мажбур бўлган. Кейинчалик кардинал Ипполит д'Эстега сотилган ўша картина ҳозирда Мадриддаги Prado музейида сақланади. Кўриниб турибдики, суратнинг асл вариантининг муаллифи ёлғиз Рафаэл эмас. Энди суратнинг асли қимматми ёки фақатгина Рафаэл мўйқалами теккан мана бу хомаки суратми, ўзингиз баҳо бераверинг. 
Барибир алдаяпти, деб ўйладим. Унга тикилиб, ўзини тутиши ва хатти-ҳаракатидан ёлғоннинг ифорини туюшга ҳаракат қилдим. Лекин сиртига сув юқтирмади.
— Мана буни қаранг, — деди у бурчакда турган ойнаванд стол ёнига бошлаб, — булар ичида пул ислоҳоти ўтказиб, тангга зарб этган салтанат соҳибларининг, жумладан, Амир Темурнинг мўғул шаҳзодалари Суюрғатмиш ва унинг ўғли Султон Маҳмудхон номи билан зарб эттирган тилла ва кумуш тангалари ҳам бор.
 Ортидан бориб, илк бор сочларининг ифорини туйдим. Кўзларимни юмиб, жаннат ҳавосидан симирдим.
— Нумизматика — тангашуносликка қизиқасизми, ўзи?, — бу савол мени яна ҳушимга қайтарди.
— Мана бу эса, — деди у қўшни столга бошлаб, — Халифа Усмон томонидан ёзилган “Қуръони карим”нинг саҳифаси”.
Ўнига бориб, ойнага энгашиб, мусҳаф саҳифаси ва ёнидаги кичик тери парчасини томоша қилдим.
— Булар қаердан ўғирланган?, — деб ҳазиллашдим, атай жиғига тегиш учун.
—Нега энди?, — у ҳайрон бўлиб қолди. Кейин шошиб жавоб берди — Буни бир туркдан сотиб олгандик. Ўғирланганми бу?
 Елка қисдим.
Ҳалиям кўнглимда унга нисбатан шубҳа йўқолмаганди. Ўн томонда — ойна тагида ажибтовур ялтираб турган қиррадор, шаффоф тошга ишора қилиб:
— Мана бу, ҳойнаҳой, “Кўҳинур” бўлса кераг-а, — дедим, истеҳзо билан.                                                                                                                             
—   Йўқ, бу “Регент” олмоси, — деди у сиполик билан.
Афтидан, Сайёра бу ердаги ҳар бир экспонат тарихини мукаммал ўзлаштирган эди.
—   Регент?
—   Ҳа, шундай, бу олмоснинг тарихи жуда қизиқ.  У 1701 йилда Ҳиндистондаги Голконда конидан топилган. Уни топиб олган қул, ўзида сақлаб қолиш учун танасини кесиб, яра ичига яширади. Кейин уни бир денгизчига сотмоқчи бўлади. Денгизчи қулни чўктириб юборади ва олмосни инглиз губернатори Питтга пуллайди. Денгизчи ҳам кейин ўзини ўзи осиб қўйган. Губернатор олмосни Франция регенти — герцог Орлеанскийга сотади. Шундан кейин унга “регент” номи берилган. Олмос бир мунча муддат берлинлик заргарда сақлангач, уни 60 000 000 фракга сотишади. Кимга биласизми? Напалеонга. Ажабланманг, 1815 йили инглиз-голланд ва прус армиялари билан Ватерлода бўлган жанг чоғида Француз армияси қўмондони Напалеон Бонапартнинг қиличини безаб турган. Аммо ўша жангда олмос йўқолиб қолади.
—   Ғоят таъсирчан ҳикоя экан. Хўш... У қандай келиб сизларнинг уйга келиб қолди?
     Сайёра лабини буриб, елка қисди:
— Бунисини, тўғриси ўзим ҳам билмайман, аммо ҳар йили дунёнинг турли чеккаларида қимматбаҳо буюмларнинг кимошди савдоси ўтказилади. Хориждаги Chiristies, Sotheby’s, Pilipp’s  каби кимошди савдо уйлари ҳақида эшитганмисиз? Адам кўп нарсаларни ўша ердан харид қилганлар.... Албатта, ким сотиб олгани кўрсатилмаслиги шарти билан. Антиквар нарсалар билан шуғулланувчи танишларимиз жуда кўп.
Шу топда Сайёранинг чиндан ҳам менда кўнгли борлиги ҳақида ўйлаб қолдим. Модомики, оиласининг сирини айтдими, демак кўнглига яқин олган, кўнглига яқин олдими демак... Унга термулиб қолдим. Ичимда қўзғалган эҳтиросдан жунбушга тушиб, ёнига яқинлашдим-да, белидан ушлаб, лабларига лабимни босдим. У даставвал бақиришга ҳаракат қилиб, бироз типирчилаб турган бўлса ҳам, кейин тинчиб қолди. Уни маҳкам бағримга босиб турар эканман, қулоқларига пичирладим:
— Мен сизни ҳеч кимга бермайман....
  Шу пайт ташқаридан кимнингдир оёқ товуши эшитилди. Сайёрага қарадим. У ҳам қўрқиб кетганди. Мени итариб юборди-да, деворга суяниб қолди. Шу лаҳзада эшик очилиб, бир кишининг қораси кўринди. Важоҳатидан шер ҳам ҳуркиши аниқ бўлган бу одам Сайёранинг отаси эди.
—   Нима қилаяпсан, бу ерда, ким рухсат берди сенга? — у қизига қараб бақира бошлади.
—   Ад-а-а...
—   Ким рухсат берди, сенларга? — кейин у менга юзланиб, баттар хезланди — Бу ким? Чиқ, йўқол иккаланг ҳам.
Бир сўз демай ташқарига йўналдим. Кўчага чиқиб, бир-икки қадам ташлагач, бу тахлит кетишга юзим чидамади. Яна ортимга қайтдим. Залга кираверишим билан Сайёра бояги хонадан югуриб чиқиб, юзини бекитганча бошқа хонага кириб кетди.  Бироз ўтиб, ортидан отаси ҳам чиқиб келди. Мени кўриб, бир зум тўхтади-да, кейин ёнимдан ўтиб креслога чўкди. Сўнг қўл ишораси билан ёнига таклиф қилди. Жимгина бориб, қаршисига ўтирдим.
—   Исмингиз нима? — деди бутунлай бошқа овозда. Дарғазаб нигоҳлар илиқлашиб, қаҳрли овозлар юмшаганидан ўзимни эркин ҳис қилдим. Унга исмимни айтдим.
—   Яхши, — дедида, бироз сукутда қолди. Кейин яна гапира бошлади:
—   Узр, бироз қизишиб кетдим. Тўғриси, кутмаганим содир бўлди. У хонага кирган биринчи бегона сиз бўлдингиз. Энди сиз менинг сиримни биласиз. Бу эса менга ёқмаяпти. Шу боисдан умид қиламанки, бу гаплар шу ерда қолади. Очиқ гапираман, бу менинг ҳам, сизнинг ҳаётингиз билан боғлиқ масала. Қўрқитмоқчи эмасман. Бу нарсаларнинг эгалари жуда катта одамлар, сизнинг тасаввур доирангиз бу борада жуда-жуда кичиклик қилади, деб қўрқаман. Бундан яна бир бегона одам хабар топса, уччаламизнинг ҳам паймонамиз тўлиши муқаррар.
       Ичимда аллақандай тўлқин кўтарилди. Бир хаёл ҳаммасига қўл силтаб, терс гапирмоқчи ҳам бўлдим. Аммо Сайёрага қуйиб қўйгандек ўхшовчи ўткир қарашларга қарашга  бардошим етмади. Мен томон чўзилган қўлга қўл ташладим. Бу орада олдимизга тепада ўйин-кулгу қилаётган Сайёранинг бошқа дўстлари ҳам безовталаниб тушиб кела бошлашди.
       Қайтаётиб, кўрган тушим ёдимга тушиб, боз титраб кетдим.


Уч биродар

      1919 йил 8 март. Самарқанд. Баҳор бўлишига қарамай ҳаво ҳали бироз совуқ. Бемаҳал ёққан қор эндигина куртак урган дов-дарахтларни чирмовиқ каби ўзининг ҳарир чопонига ўраб олганди. Нав-ниҳол куртаклар совуқ забтига тушиб, бадтар кўкимтирлашган, ҳавонинг авзойига қараб гоҳ улар юзида томчилар кўриниб ялтирар, тонгга яқин яна музлаб қоларди. Шу сабаб бу йилги ҳосил ҳам хавф остида қолганди. Кўҳна шаҳар кўчасидан қалин кийинганидан ҳўрпайиб кетган бир тўда кишилар кўринди. Улар сафидан уч киши ажралиб чиқиб, олдинлаб кетди.
Қора чопон кийиб олган, бошига оқ салла ўраган киши хаёл суриб кетаётган ҳамроҳига сўз қотди:
— Аҳволингиз яхшими тақсир? Кейинги пайтда анча безовта кўринасиз? Юзингиздан қон қочган.
      Маҳмудхўжа даставвал ҳамроҳим менга гапираяптими, деб унга қаради, кейин бунга ишонч ҳосил қилгач, бош силкиди:
— Йўқ, йўқ, ўзим шундай, бироз хаёлга берилибман. Бугун жон таслим этган биродаримиз Абдураҳмонбек ҳақида ўйлаб қолдим. Болалари ёш экан. Бечора кўп баъмани одам эди. Ғафлатда қолибмиз-да.
— Ҳа нимасини айтасиз... Қазо Ҳақ таолонинг иродаси. Бунга келганда бандасининг қўлидан тадбир келмас. Бечора анчадан бери касал ётган экан. Хасталик вужудга бир ёпишса, чекинмоғи душвор. Сиз ҳам ўзингизни асрасангиз бўларди... Яқинда Тошкентга бориб мактаб прогруми ва илмий ҳоллар билан танишиб келганингиз ҳақида эшитиб эдик. Бундан Самарқанд аҳлини ҳам хабардор этай деб, муаллимлар мажлисини чақириб экансиз, биз ҳам бир неча ўртоқлар билан бориб эдик. Аммо... мажлис белгилаб унга ўзингиз келмаслигингиз, кейинги пайтларда сиз билан асрорангиз ишлар рўй бермаяптимикан, деган шубҳа уйғотди, барчамизда.
— Ҳа, бунинг учун дўстларим ва биродарларим олдида айбдормен. Ўша кунлари асаб касалим қўзғаб қолди. Зўриқишдан бўлса керак. Бу узуримни барчаларига етказиб қўйишингиздан умидворман. Кейинроқ вақт топиб, албатта, Тошкентда кўрганларимни барчангизла баҳам кўрурман, иншооллоҳ.
— Муфти ҳазратлари, биламан ташвишингиз ғоят турфа, Шу халқ, миллат қайғусидасиз. Аммо бироз соғлиғингизни ҳам ўйласангиз бўларди.
 — Эҳ, Мулла Садриддин, сиз ҳам, мен ҳам илдизи бир икки жафокаш миллатнинг фарзандимиз, ён-атрофимизда инсон қиёфасидаги каслар изғиб юрса, оғзимиздаги нонимизни, еримизни тортиб олса, хотинларимиз ва қизларимизни йўлдан урса, фарзандларимизни ўзларининг бузуқ ишларига тортса, айтинг бунга чидаб бўладими?  Афсуски, биз катта хатога йўл қўйдик. Ҳа.. Адашдик.
 — Нега ундай дейсиз. Адашиш барча бандаи мўминнинг бошида бор савдо. Аммо сиз бундай деб турсангиз, бошқаларга сўз дейишга мажол қолурми? Ахир сиз Турон доҳийси, олийшон устод, Туркистон виждонисиз-ку. Не-не илм аҳли сизни отамиз, раҳнамомиз деб билади-ку.
—   Йўқ, бундай ҳавойи гапларни қўйинг, мулла Садриддин. Биз катта хатога йўл қўйдик. Ўз ичимиздаги қариндошларимиздан айрилдик. Турк томириғига болта урдик. Мактаб ўрнига майхона очдик, миллатпарастларни даҳрий дедик, иттифоқни эмас, ихтилофни танладик. Ҳақ олинур, берилмас экан. Буни жуда кеч англадик. Чор истилоси даврини эсланг. Англия ҳукумати уч хонликни Русияга қарши қуроллантирмоқчи бўлиб элчи жўнатади. Лекин Хива ва Қўқон хонлигидан ижобий жавоб олган элчилар Бухорода қассоб амир — Насруллохон томонидан қатл этилди. Во дариғ, бу қандай кулгулик ҳолат? Кейин нима бўлди? Бухоро амирлиги, Қўқон хонлиги, Хива хонлиги  айро-айро йўл танлаб, эски адоватлари боис бирлашиб курашмади. Алҳол, табаррук заминимиз топталди. Бизда ватанни қўриқлайдиган мард йигитлар, саркардалар йўқ эдими? Қуролимиз йўқ бўлса, сотиб олиш учун бойлигимиз етмасмиди? Етур эди. Душмандан ўн чандон кўпроқ эди. Лекин бошимиздагилар қизғонишди, алалоқибат, эркни ҳам, олтинларни ҳам бой беришди. Ичимиздан чиққан сотқинлар бўйнимизга мустамлака занжирларини осдилар. Эҳ-ҳе, бу бир тарих. Аммо мозий истиқболнинг тарозусидир. Ҳар ким ўлчасун-да, билсун! Биз бундан сабоқ чиқармадик. Қонимиздаги ўзбилармонлик, қўрқоқлик панд берди. Мулла Садриддин 1917 йил 27 ноябрда Қўқонда Туркистон Мухторияти эълон қилинганини хотирингизга келтиринг. Бор-йўғи юз кун яшади. Туркистон совет ҳукумати бошлиғи Колесов 1918 йил февралда Қўқондаги Туркистон мухторияти деб номланган жадид миллий ҳукумати ва шаҳарни қонга ботириб, 10 минг одамни қириб ташлади. 180 та қишлоқ олов ичида қолди. Биз нима қилдик? Яна томошабин бўлдик. Биродарларимиз душман пулимутларига қарши кетмон кўтариб чиққанда, тинчимизни ўйлаб бетараф турдик. Бир ой ўтиб, Ўш бухороликлар Амирга ультиматум юборишди. Унда 24 соат ичида амир таслим бўлиши ва ҳукуматни ёш бухороликларга топшириши талаб этилган эди. Аммо амир армияни енгиб, 1500 кишини жадид деб қатл қилди. Алҳол, зулм қилган ҳам, зулм кўрган ҳам ўзимиз бўлдик.
—   Ҳа, жафокаш халқимиз ўз бошидан не-не қисматларни бошдан кечирмади, — деди Садриддин Айний ҳам чуқур хўрсиниб. — Камина тўрт тарафга боқсам, қабоҳатни кўраман. Ҳатто Самарқанд ҳавосидан ҳам ўлимтик иси анқийди. Шаҳарлардаги катта иморат ва корхонлар ҳаммаси яҳудий ва оврупаликларникидир. Питербург, Москва ва Оврўпа кутубхоналари бизнинг китоблар, битиклар билан безанди. Жаҳон уруши, мардикор олув, энди бу талотўплар раият елкасини майиштирмоқда. Буларнинг бари каминани ҳам хўб ўйлантирадир.
Садриддин Айний бу гапдан кейин чиндан ҳам ўй суриб қолди. Хаёлида ўша қора кунлар қайта гавдаланганди. Узун, теридан қилиниб, ичи туз ва чақа тангаларга тўлдирилган дарралар қулоғи остида виззиллаб садо бергандек бўлди. Ғурбатли кунлар эди. Янгиликни хушламовчи қадимчи диндорлар ўз мавқеларини йўқотиб қўйишдан чўчиб, жадидларга турли йўллар билан қаршилик кўрсатишарди. Улар ўртасидаги қарама-қаршилик эл-улус ичида фитна-фасод, адоват уруғини тарқатар, бундан большевиклар усталик билан фойдаланиб, тутаётган гулханга ўтин қалаб туришарди. 1917 йили Бухоро Амири Абдурауф Фитрат томонидан ёзилган “Ўш бухороликлар қўмитасининг Бухорода ислоҳот ўтказиш лойиҳаси”ни маъқуллаб, уни ҳаётга татбиқ этиш ҳақидаги ўз манифестини имзолаган кунлари Айний ҳам Бухорода эди. Ўша куни жадидларнинг рус инқилоби таъсиридаги бир гуруҳ ёшлар “Яшасин, халоскоримиз амир!” дея кўчаларда салтанат соҳибини олқишлашди. Миллат руҳига экилган кин ўз мевасини бермай қолмади. Бошқа томонда мусулмон мутаассиблари таъсирида бўлган 7-8 минг киши йиғилиб, жадидларни ўласи қилиб калтаклашга тушиб кетди. Улар “Дин йўқолмоқда, шариат ўлмоқда”, деб жар солардилар. Айний ва яна бир неча киши 75 дарра зарбидан аранг тирик қолди. Ҳали-ҳануз суяклари зирқирайдур. Аммо биродарлари Мирза Назрулла 150 дарра зарбига чидай олмай жон берди. “Ўз ихтиёри ила” Самарқанддан келган Беҳбудий ва унинг шерикларига халқни қўзғатди деган айб тўнкалди. Амир зудлик билан манифестни бекор қилди. Манғитлар сарварининг бу хатоси Бухоро тарихида ўчмас қора из бўлиб қолди.
     Садриддин Айний хаёлдан чекиниб, ҳамроҳига қаради. Маҳмудхўжа ҳамон гапираётганди.
— Биз ўз ҳаққимизни талаб этмакка келганда оқсадик. Ҳа... буларнинг бари ўқимағонимиздан. Ўқимағон одам уруғининг, етти пуштини билмайди. Бундайларни қул-марқуқ дейди. Биз уларга дўндик. Дунё беаёв, “ҳаёт мамот кураши майдони”га айланган бир пайтда ўрта осиёликлар учун билим ва бойлик сув ва ҳаводек зарур эди. Фақат шуларгина халқнинг бўҳрондан омон чиқиши,  ва мустақиллигини кафолатлайдиган телефон, телеграф, темирйўллар, ҳаво йўллари каби илғор техника воситаларига эгалик қилиш имкониятини туғдирарди. Бунга келганда, эса амир жуда-жуда ожиз. Бу ҳақда Манифест эълон қилинганида сўз очганимда, ғоят қаҳри келиб эди. Ич-ичидан зил кетиб эди. 
Ҳа, нимасини айтасиз, — Садриддин айни чуқур хўрсинди.
— Биз миллатни фақат илму маърифат билан озод қилса, бўлур, деб ўйладик, — Беҳбудий бир лаҳза тин олиб яна давом этди. — Бизнинг “Шўрои исломия” фирқамиз большвеклар ташвиқотига ишониб, тинч йўл билан Туркистонда мухтор республикаси ўрнатиш мумкин ҳисоблаб, Фарғонадаги миллий озодлик курашини қўллаб қувватламадик. Натижада, бугун “босмачилик” ҳаракати деб аталаётган жангчи биродарларимизнинг мафкурачилари “Уламо” фирқаси  ва уларнинг раҳнамолари Носирхон Тўра Камолхон ўғли, Муфтий Садриддинхон Махсум Шарифхўжа ўғли кабилар бўлиб қолишди. Вақтида бирлашганимизда енгилмас кучга айланишимиз мумкинлигини энди-энди идрок этаяпман. Биз бўлиниб-бўлиниб рўшнолик топа билмасмиз.
—   Кичик миллатларга тамом ҳуррият ва истиқлол берамиз деб хитобномалар воситаси-ла ваъда қилғон бўлсалар ҳам, бу қуруқ сўзлари қоғоз устидагина қолди, — деди шу пайтгача суҳбатга аралашмай турган 35-36 ёшлардаги, аммо жуссаси кичиклигидан анча ёш кўринадиган Ҳожи Муин. — Булар ҳозиргача ҳеч бир миллатнинг мухторият ва истиқлолини тасдиқ этмадилар, билъакс, шундай мухторият ва истиқлолият эълон этган миллатларға тўп пулимут билан муқобала этдилар ва этмакдалар.
— Ҳа, — унинг гапини қувватлади Садриддин Айний, — бу бор гап. Бизнинг тилимиз кесилди, лунжимизга қулф осилди. Қачонки халқ дардини айтадиган бир мард ўғлон чиқмас экан, ўша миллат залолатга маҳкум. Йўқ, бу ўша жамиятда қабиҳ иллатлар хамиртурушдек кўпчигани учун эмас, ўша халқ шундай фарзандни етиштириб беролмагани учун шундай...
Шу пайт олдиларидан бир неча отлиғ кўрингани боис у сўзлашдан тўхтади. Уч йўловчи шаҳар амалдорларига қуллуқ қилиб, йўл беришди. Кейин яна давом этишди.
— Душманимиз ғоят кучли, тадбиркор ва айёр, — деди Маҳмудхўжа орқасига қараб қўяркан. — Шу боисдан ғоят эҳтиёткорлик зарур. Самарқандда “Камбағаллар йиғилиши”, “Мирваж ул-ислом”, Каттақўрғонда “Равнақ ул-ислом”, Андижонда “Озод халқ”, “Мифтоҳ ул-маориф”, “Сана ул-ислом”, “Тараққийпарвар”, Қўқонда “Мусулмон меҳнаткашлари иттифоқи”, , Хўжандда “Муайин ат-толибин” ва бошқа ташкилотлар тузилди. Уларнинг баъзилари хориждаги хусусан, қардошларимиз бўлмиш Усмонли туркларнинг “Идтиҳод ва тараққий” ёки “Турк адами марказияти” каби яширин ташкилотлари билан ҳамкорлик ўрнатдилар. Аммо тарқоқ ҳолда. Биз бир ёқадан бош чиқармадик, бир ёқа-енглик қилмадик. Гуноҳимиз ҳам, сўроғимиз ҳам, хатоимиз ҳам шу. Бизнинг миллатни тарқоқлик емоқда.
Улар катта бир чорраҳага етгач, йўллари айри бўлганидан хайрлашмоқ учун тўхтадилар. Беҳбудий ва Садриддин Айний худди сўнгги бор кўришаётгандек, қўлларини бир-бирларининг елкаларига қўйиб, узоқ термулишиб қолишди. Видолашаётган биродарлардек, кўзларида ёш қалқди. Маҳмудхўжа бир байт шеър ўқиди: “Дили аз санги бояд бар сард оҳ видоъ, то таҳаммул кунад он рўзки, маҳмил беравд”  Кейин қучоқлашиб, хайрлашдилар. Маҳмудхўжа ва Ҳожи Муин ўнг томонга, Садриддин Айний чап томонга қараб кетди. 

“Зебо шабистоний”

Бир куни тонг саҳарда Беҳбуд уйимизга келди. Анчагача гапини нимадан бошлашни билмай каловланиб турди. Кейин “Нима бўлди?”, — деди хаёлчан. Ундан “Нима нима бўлди?”, — деб сўрадим. У анча пайтгача, миқ этмай ўтирди. Саволимни такрорлагач, ўзига келиб, — у куни кўрган тушингни сўраяпман, ҳаётингда шундан кейин нимадир содир бўлдими?, —деди.
Йўқ, деб жавоб беришим ҳам мумкин эди. Аммо шу топда негадир “ҳа”, дедим. Кейин ўша заҳоти икки кунча аввал кечқурун Сайёрани кузатиб қўйиб, уйга  қайтаётганимда ит қувлагани ёдимга тушиб, ўшани айтиб кулдим.
Беҳбуд ақалли жилмайиб ҳам қўймади. Анча пайтгача, жим туриб қолди.
— Бугун бир нохуш туш кўрдим, — деб гап бошлади ниҳоят. — Нима десам экан, нохуш деб ҳам бўлмайди, лекин жуда ғалати. Тонг саҳарда туриб, сувга айтдим. Лекин барибир кўнглим ёришмаяпти. Уни қандай таъбирлашга ҳам ҳайронман. Аллақандай кенг яланглик эмиш. Мен бир қабр тепасида турибман. Синчиклаб эътибор берсам, қабртошга ўзимнинг суратим ва исмим ёзилган. Кейин оёғим ердан узилиб, учаётганимни ҳис қилдим. Осмонда — парқу булутлар ортида кимдир мени чақираётгандек, йўқ, аниқроғи, кўринмас ип билан арши аъло томон тортаётгандек эди. Лекин ердан, ўз қабримдан узилишни истамасмишман. Йўқ,.. қўрқдим деб айтолмайман, лекин ғалати бир ҳисни туйдим. Ҳа... чинданам ғалати бўларкан, киши ўз қабри тепасида турса. Тушунаман, ўлим ҳақ. Шавқатсиз, бироқ аччиқ ҳақиқат бор-ку — Ўлмаслик чорасини излаётган одам битта нарсани — ўлимни топади, бошқаларни эса ўлимнинг ўзи топади. Лекин туғилмоқ ва ўлмоқ ўртасида ва уларнинг ҳар иккаласининг ортида нима бор? Дабдурустдан бугун каллаи саҳардан шуларни ўйлаб қолдим. Сен билан гаплашгим келди. Нима дейсан, ё бу тез орада ўлишимга ишорамикан? Ҳе-ҳе.. Наҳотки, шу навқирон ёшимда ўлишим буюрилган бўлса.. Агар буни истамасам-чи? Ҳар холда тақдиринг ўз қўлингда дейишади-ку. Балки бу мумкинмасдир. Лекин бир нарсани аниқ биламан. Биз бутун инсоният, аслида, турли вужуддан иборат бўлсак-да — ақлимиз, тафаккуримиз яхлит. Балки нариги дунёда яхлитлашар? Биз барчамиз шунчаки жилғалармиз, аммо миллиардлаб жилғаларнинг қўшилуви алал-оқибат уммонни ҳосил қилмайдими? Бу уммоннинг телбавор пўртаналари қаршисида ҳар қандай тўсиқ чикора. Йўқ, ҳеч қанақа сеҳргарлик ҳақида гапирмаяпман, бу инсонга берилган, бироқ ўзи билмайдиган илоҳий қудрат — Тангрининг тажассуми...
Ўйлаётгандирсан, нега бунақа гапларни айтаяпти, деб. Хавотир олма, ҳали ақлимни емадим. Шунчаки кимгадир ёрилгим келаяпти. Сўроқлардан иборат қадамимда кўнгилга малҳам бўлгулик жавоб тополмай ҳалакман. Мен нега дунёга келганман. Парвардигор менга йўл кўрсатди. Кўнглимга ниманидир солди. Уни амалга оширишим керакми? Ўйласам, инсон умри келажак учун пиллапоя экан. Фарзандлар оталарининг елкасида юксакликка кўтарилиб бормоқда.
Беҳбуд яна ўйга чўмиб қолди. Унинг бир-бирига уланмаётган гапларидан — балки у шунақа гапиришни хоҳлаётгандир, балки мен шундай ўйлаётгандирман — кўзларини қисиб, тепа лабини сўраётганидан, нимадандир қаттиқ чўчиётганидан, аланарсаларни чамалаб, жиддий бош қотираётгани сезилиб турарди.
Уни илк бор учратган онларимни эсладим. Кимнинг қанақалигини билишда, ҳеч қачон адашмасам керак, деб ўйлаб юрардим. Аммо унга келганда, рости нима дейишга ҳам ҳайронман, тўғриси, бунақалигини кутмагандим. У баъзан ҳаддан ортиқ хаёлпараст бўлиб қолар эди. Баъзида эса уни тинглаб туриб, дафъатан жинни эмасмикан, деган хаёлга ҳам борардим. Бироқ кўп ҳолатда маънили, асосли гапириши, мантиққа йўғрилган ҳикояларини тингларканман, бу хаёлларим тумандек тарқалиб кетарди. Ҳатто бир куни азбаройи чангни ёмон кўрганимдан, кутубхонага бориб эски-туски китобларни титкилашни энг беҳузур машғулот санасам-да, уни астойдил текшириб кўришга қарор қилдим. Аммо барча манбалар қайта-қайта Акобирнинг ҳақлигини исботлайверди. Тўғри, энг мукаммал тарих қўлланмаларида ҳам унинг ҳикояларидаги баъзи бир элементлар учрамасди. Аммо бу уни инкор қилишга имкон бермасди. Ниҳоят бундан воз кечиб қўя қолдим. Чунки аввал-бошданоқ уни тўлиқ билолмаслигимни тушуниб турардим. Ўзи ҳам ўзини батафсил билмайдиган одамни ўзга англай олармиди?!
Дарвоқе, илк учрашувимизда такрор-такрор пичирлаган сўзларининг қандай маъно англатиши ҳақида кўп ўйлагандим. Сўрайман, бу нима эканини билиб оламан, деб, кўп бор азм қилган бўлсам-да, мавриди бўлмаётганди. Айни топда ундан шу ҳақда сўрадим. У менга хаёлчан тикилиб қолди.
— Бунинг тарихи узун, — деди, гапни қисқа қилиб. Унга вақтим бемалоллигини, агар мободо лозим топса, айтаверишини ва мен бунга бажонидил қулоқ тутишимни айтдим. У бунга ишонч ҳосил қилгач, мароқ билан гапира бошлади:
    — Эсингда бўлса керак, сирли мактуб ва ундаги ғалати ёзув? Эътиборимни ўзбек жадидлари отаси Беҳбудийга қаратиб адашмаган эканман. Хуллас, изланишларим бесамар кетмади. Маълум бўлишича, Қарши шаҳри 1926 — 1937 йилларда Беҳбудий номи билан юритилган экан. Сабаби бу инсон айнан Қарши шаҳрида Бухоро амирининг фармойишига биноан 1919 йилда қатл этилган экан. Ўйлаганимдай, Беҳбудий жой номи бўлиб чиқди. Демак, кўрсатилган санада Бобом ҳозирги Қарши, улар наздидаги Беҳбудий шаҳрига боришлари керак бўлган. Шундан кейин шаҳар архивига бориб, маълумот қидира бошладим, тарихчи олимлар, кексалар билан суҳбатлашдим. Зеро, ишончим комил эди УЯ СИ ҳам шу ердаги бирор ҳудуд ёки иншоотни билдиради. Икки-уч кун бор эътиборимни шу ишга қаратдим. Учинчи куни эди, чамаси, шаҳар тоштурмасининг ҳужжатларини  ўрганаётиб, излаган маълумотларимга дуч келдим. Уя бу — собиқ иттифоқ ҳудудида қамоқ жойларини билдирган муассаса “учреждения” сўзининг, СИ-5 эса Қарши шаҳридаги бешинчи тергов ҳибсхонаси “Следсвенный изолятор – 5” нинг қисқартмаси экан. Ўша заҳоти Қарши шаҳридаги 1939 йилдан 2004 йилгача тоштурма вазифасини ўтаб, ҳозир яна Кўкгумбаз масжидига айлантирилган қадамжога етиб бордим. Биласанми, худди барча нарса танишдек, эди. Худди аввал ҳам бу ерда бўлгандекман. Сўз билан ифодалай олмасам керак. Томирларимда қоним жимирлаб, бошим ғувиллаб кетди. Бироз нафас ростлаб олгач, ҳозирда масжид айвонларига териб қўйилган қадимий экспонатларни томоша қила бошладим. Кичиккина, паст табақали эшикдан ўтиб, масжид ҳовлисига чиқдим. Сардоба ёнида бир одам турарди. Дастлаб, пайқас бермадим, кейин қарасам, у бобомга ўхшаб кетди. Кийиниши, менга қараб туриши. Ҳайрон бўлиб, сардоба томон юрдим. Борганимда у ерда ҳеч ким йўқ эди, номаълум одам изсиз йўқолибди.
Уйга қайтиб, ҳафсала билан бобомнинг сандиғидаги нарсаларни кўздан кечирдим. Турли эски-туски кийимлар, алламбало идишлар, китоблар қалашиб кетган эди.  Китоблар орасидан битта энг жандаси эътиборимни тортди. Хотирладим. Бобомнинг Самарқандлик марҳум Надимхон деган танишлари бўларди. Ўрталарида борди-келди бор эди. Бир сафар Самарқанддан битта эски китоб ҳам олиб қайтгандилар. Бу — ўша китоб эди. Изланишларим оқибатида Надимхон Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг катта фарзанди Масъудхўжанинг учинчи ўғли бўлганини аниқладим. Жумбоқларнинг уфқи қизараётганди. Китобга бўлган қизиқишим янада ортиб, уни ўзимча тадқиқ қила бошладим. Бошланишида бир байт шеър битилган экан:
“Шабистоне чунон зебост назди ҳар сухандоне,
Ки таърихи тамоми ў бувад “зебо шабистоний”.
 Эътибор қилсам, охирги мисранинг сўнги икки сўзи ажратиб кўрсатилган. Классик адабиётда таърих деб номланувчи шунақа шеърий санъат мавжуд. Маълум тарихий воқеалар абжад ҳисоби ифодаланувчи кичик лирик шеърларда яширин тарзда акс эттирилади. Ҳар бир ҳарф ортида битта рақам туради. Бу абжад ҳисоби дейилади. Араб ҳарфлари алифбосидан саккизта — абжад, ҳаввоз, ҳутти, каламан, саъфас, қорашат, саххаз, зазағ сўзлари чиқарилган. Ана шу сўзлардаги  қисқа “а” унлисини ҳисобламаса, қолган ҳарфлар бирдан минггача бўлган сонни билдиради. Масалан, Алиф – 1, бе —2, жим —3, ... зод— 800, зе —900, ғайн — 1000 каби. “Зебо шабистоний” сўзидан эса абжад бўйича ҳижрий 853 йил келиб чиқди. Биласанми, бу милодий қайси йилга тўғри келишини?, — у менга шундай деб синовчан тикилди.
—Йўқ,  — дедим елка қисиб.
—1449 йил... Бу йил тарихимиз саҳифаларига Мирзо Улуғбекнинг ўз ўғли Абдуллатиф томонидан қатл этилиши воқеаси билан муҳрланган. Худди шу йили Улуғбекнинг шогирди Али Қушчи — 15 минг жилддан иборат бебаҳо китоблар хазинасини яширишга муваффақ бўлади. Буларни аниқлаганимдан кейин янада катта иштиёқ билан изланишни давом эттирдим. Китобда маъно англатмайдиган турли узуқ-юлуқ қайдлар, кишиларнинг қарзлари ҳақидаги маълумотлар ҳамда яна бир неча кишиларнинг исми ҳам мавжуд эди. Нажмиддин Алихондан бошланган кетма-кетлик Муҳаммад Сиддиқ исмли кишининг номи билан тугаганди. Улар ичида Малик Юсуф мунши, Амир Фузайл додҳоҳ, Зайниддин муҳрдор, Рукниддин товочи, Амир Ялангтўшбий, Абдулазизхон, Иброҳим Оталиқ, Амир Шоҳмурод, Ниёзхўжалар бор эди. Нажмиддин Алихон Мирзо Улуғбек саройининг “фарзанди аржуманди” — Али Қушчининг суюкли шогирдларидан бири экан. Кетма-кетлик бир авлодга мансуб эмаслигидан бу авлодлар шажараси эмас — бу хазина қўриқчилариники эканини англадим. Шунда бобом менга айнан халқ тилида юрадиган бир афсонавий хазина сири ҳақида айтмоқчи бўлмаганмикан, деган ўй ўтди бошимдан. Конверт ичидаги сомон парчаси ҳам Исмоил Сомонийнинг афсонавий хазинасига ишорадек туюлди. Назаримда ўша хазина йиллар ўтиб, Соҳибқирон Амир Темурнинг ихтиёрига ўтади. Темурдан набираси Мирзо Улуғбекка. Сабаби Соҳибқирон набираси Мирзо Улуғбек туғилганида унга  Муҳаммад Тарағай деб ўз отасининг исмини қўйган ва унинг тимсолида падари бузрукворини кўрган. Гарчи ўлими олдидан катта ўғли Жаҳонгирнинг фарзанди Пирмуҳаммад Мирзони валиаҳд деб танлаган бўлса-да, мутлақо махфий бўлган афсонавий хазинанинг сирини тожу-тахтдан ҳам илмни афзал биладиган шу суюкли набирасига ишонган. Шундан кейин бу сир Улуғбекдан севимли шогирди Али Қушчи орқали фақат жон узилар чоғи айтилиши шарти билан кейинги хазина ворисларига ўтиб келган.
—Хўш ўша хазина қаерга яширилган экан?
Беҳбуд менга қараб жилмайди. Кейин чап лаби ва қоши ҳамоҳанг кўтарилиб, елка учирди:
— Билмадим, ҳар ҳолда — тўғри келган жойга бўлмаса керак. Айтмоқчиманки, ҳамма нарса, китоблар хавфсизлиги, уларнинг чириб кетмаслиги, ҳаво билан таъминланиб туриши олдиндан ҳисобга олинган ва режалаштирилган жойга. Билсанг, дунёда бундай афсонавий хазиналар бисёр. Ҳиндистон ва Цейлондаги Будда эҳромлари, Америкадаги ацтеклар ва Германиядаги нибелунглар олтин хазиналари бунга мисол бўла олади. Уларнинг барчаси ақл билан тилсимланган. Уларни кашф этиш учун юксак тафаккур керак....
Мен ҳам Беҳбуднинг хаёллари асирига айланиб қолдим.

Сафар тараддуди

1919 йил 25 март. Самарқанд. Баҳорнинг хуш ҳавоси кезинмоқда. Ўн-атрофга қоронғулик чўккан. Ташқаридан кимнингдир шарпаси эшитилиб, эшик таққиллагач, хирагина чироқ ёритиб турган хонадаги тўрт киши бир қўзғалиб қўйишди. Муфти Маҳмудхўжа шериклари — Мардонқул Шоҳмуҳаммадзода, Муҳаммадқул Ўроқбой ўғли ва турк муаллими Наим афандиларга ўтираверинглар, ўзим қарайман, деди-да, ўрнидан турди. Шу пайт бир табақали пастаккина эшик секин очилиб, ўрта ёшлардаги бир ўспириннинг қораси кўринди. Муфти унинг истиқболига юрди. Йигитча унга бошини эгиб ниманидир шипшиди. Маҳмудхўжа ҳамроҳларига қараб, “ҳозир”, деди-да ташқарига йўналди. Бироз ўтиб, эгнига жубба кийиб олган соч-соқоли қиртишланган 35-40 ёшлар атрофидаги бир эркакни бошлаб кирди. Белига қилич тақиб олган нотаниш меҳмон улар қаторига чўкди. Маҳмудхўжа қолганларга:
— Бу киши Жийдакапа қўрбошиси Бойтуман ҳожи бўладилар, ҳозиргина Фарғонадан етиб келдилар, — деди. Ҳамма қайта хол-аҳвол сўрашди.
Маҳмудхўжа вазиятни тушунтирди: — Бу киши тез орада Амирил муслимин этиб тайинланажак Муҳаммад Аминбек ҳазратларининг қўл остидаги беклардан. Мадаминбек бизга муҳим бир гап етказиб юборибдилар. Ўзларидан эшитсак.
Табиатан анча жиддий бўлган Бойтуман ҳожи бирданига муддаога ўтиб қўя қолди:
— Вазият ниҳоятда қалтис. Бир ёқда арман дашноқлари ўқни тежаймиз деб, мусулмонларни ваҳшиёна чопиб ташламоқда, халқни талаяпти. Ҳатто аёлларимизнинг номусини топтап, ғазаб билан “Аллоҳ қудратли бўлса, сенга нажот берсин?, — деб диний эътиқодимизни ҳам топтамоқдалар. Бурунғи йил 130 қишлоқни талаб, ёппасига сўйдилар. Бир ёқда эса Ленин бошлиқ большевеклар. Яқинда Шарқий фронт таркибида Туркистон фронти ташкил этилди. Унга раҳбар этиб Фрунзе тайинланди. Улар 27 минг пиёда, 3 минг отлиғ, 100 та тўп, 550 та пулумёт билан қуроллаган. Душманларимиз қудратли. Энг хавфлиси улар тарғибот йўли билан халқни, фарзандларимизни бизга қарши қилиб қўйишмоқда. Бу кетишда ўз болаларимиз ўзимизга тиғ кўтариши ҳеч гапмас. Аммо душман ичида ҳам бизнинг тарафдорларимиз етарли. Муҳими, уларни ўзимизга оғдириб олмоғимиздир. Яқинда Осипов бошлиқ 75 нафар рус офицери ва яна бошқа миллатли 55 офицер бизга келиб қўшилди. Сафимизда жами 10 минг киши бор. Уларни қўрбоши Мадаминбик Гарбувадан бошқариб турибди. Агар бошқалар ҳам бизга қўшилганда 30 минглик кучли армияга эга бўлардик. Яқинда марғилонлик Иброҳим Ҳожи орқали Англиядан 500 та винтовка сотиб олдик. Аммо ҳали бу кам. Пул масаласига келганда, бироз оқсаяпмиз. Амириқо, Англия, Туркия каби тараққий этган давлатлар қурол-яроқдан ёрдам бермоққа шайлар. Бироқ ҳаргиз ақчасиз эмас.
— Ҳа, миллат ва динга хизмат қилиш фақат билим ва пул орқали мумкин”, — деди Маҳмудхўжа унинг гапини олиб. — Шу боис биз зудлик ила муҳим топшириқ билан сафарга чиқишимиз керак. Аммо ундан олдин сизларга бир нарсани айтишим лозим. Ўйлайманки, барчангиз бу йўлда жонларингизни ҳам нисор этмоққа қодир жавонмардлардан саналасизлар. Бу шу қадар муҳим ва махфийки, унга фақат ўз жонимиз кафил бўлмоғи лозим. Сабаби, бу ҳақда ҳали ҳеч бирингизга ёрилмагандим. Нега буни ҳатто энг яқинларимдан сир сақламоғим боисини кейинчалик ўзларингиз тушиниб олгайсизлар. Буюк хазина ҳақидаги ривоятнамо гапларни барчангиз эшитган бўлсангиз керак ҳар ҳолда. Бу хазина амирникидан ўн, балки юз чандон бисёр бўлмоғи эҳтимолдан ҳоли эмас. Хуллас, ўша хазинани зудлик билан топишимиз зарур. Уни сарф этмакнинг вақти етган кўринади. Мадаминбек тез орада Қўрбошилар қурултойида Амирул муслимин этиб тайинланади. Демак, яқин кунларда юртимиз озодлиги учун аёвсиз жанглар бошланиши муқаррар. Бунинг учун қурол яроғдан кам-кўстимиз бўлмаслиги даркор.
— Албатта, Албатта, — бош ирғаб тасдиқлади Бойтуманҳожи. — Индинга насиб этса, Наманганга ҳужум бошлаб,  шаҳарни душмандан тозалаймиз.
Маҳмудхўжа чуқур нафас олиб, меҳмонга юзланди:
— Биз шу бугуноқ, сафар тараддудини кўрурмиз. Сиз Мадаминбек ҳазратларига бориб қароримизни айтинг. Сафардан сўнг, ўзимиз сизлар ила боғланамиз.
 Бойтуман ҳожи хўп, деди-да, шошилинч, ўрнидан қўзғалди. Маҳмудхўжа уни кузатиб қайтди.
Эшикдан кириши билан, Мардонқул тоқатсизланиб, муфтига нигоҳини қадади:
— Хўш?...
Маҳмудхўжа танча ёнига чўкиб, биродарларига қайта назар солди. Уларнинг барчасининг кўзларида олов кўринди. Бу чироқнинг олови эмас, шижоат эди.
— Барчангизнинг кўнглингиздан айни пайтда бир гап ўтаётганига аминман, деди секин гап бошлаб, —бу хазина мавжудлигидан хабардорлар бугун анчагина. Улардан бири Бухоро амири Саййид Олимхон. Икки йил аввал у мендан хазинани топиб беришимни талаб қилганди. Русларнинг-да бундан хабари бор. Менга бўлаётган таҳдидлар ҳам ўшаларнинг қилмишидан деб биламан. Шу боис ундан ҳатто ёстиқдошимни ҳам воқиф этмаганман. Ишонинг, биродар иним Ҳожи Муин ҳам воқиф эмас. Биз бу ерда бўлмасак, изимизни сўрайдиган ишончли кишимиз бўлиши керакли туфайли ҳам унга индамадим. Хуллас, қилаётган ишим, изланишларимни ёлғиз ўзим билардим халос. Ўзингизга маълум миллатимиз қабоҳат ботқоғига мажбуран ботирилди. Халқни бир буюк ўғлонгина қутқармоққа қодир. Бу инсонни Мадаминбек тимсолида кўрдим. Тадбиркорлик, мардлик, узоқни кўра билиш борасида унга тенг келадигани йўқ. Бу борада барчамизнинг фикримиз якдиллигига шубҳа қилмайман. Сабаби сизлар билан ҳам бу борада кўп бор мубоҳасалашганмиз. Якуний фикрингизни билурман. Мадаминбек билан бир неча бор учрашиб, ишониш мумкинлигига амин бўлганимдан кейингина Худо шоҳид унга бу хазина ҳақида сўз очганман. У миллатимиз ғанимларини жаннатмонанд юртимиз сарҳадларидан ҳайдаб чиқармоққа жаҳд қилгандан кейингина шундай бўлган. Ўйлайманки, барчангиз камина ила якфикрдасизлар.
Барчалари бош ирғаб тасдиқ ишорасини қилдилар.
—Сизларни ишонтириб айтаманки, бизларни олдинда ғоят сермашаққат, шу билан бирга хатарли саёҳат кутиб турибди. — деди Маҳмудхўжа сўзига интиҳо ясаркан. — Аввал Қарши беклигидаги тоғларда яширинган Буюк хазинани излаб топмоғимиз, сўнг эса Бокуда Саидносир Миржалолов билан учрашиб, у билан Истанбул орқали Шаҳзода оролларига борамиз. Бизнинг номимизга Амириқо президенти ўртоқ Вудро Вильсон жанобларининг таклифномаси бор. Ундан кейин Парижга Антанта давлатлари кенгашига ўтамиз. Турк давлатлари қурултойида большевекларнинг кирдикорларини бутун дунёга фош этамиз, иншооллоҳ... Энди эса ҳозироқ сафарга отланмоғимиз лозим.
Барчалари бирдек қўзғалишди.

Тафаккур каманди

Сайёра афсонавий хазина ҳақидаги гапларга қизиқиб қолди. У ҳам бу ҳақида кўпроқ билишга интилар, мен ҳам бажонидил Беҳбуднинг қилаётган ишлари ҳақида муттасил равишда гапириб бериб гапириб берардим.
Бир куни эрталаб Беҳбуд телефон қилиб қолди ва ўзининг шошилинч равишда Самарқандга кетаётганини, агар иложи бўлса, мабодо вақт топсам, кутубхонага бориб, Шердор мадрасаси, унинг пештоқидаги оҳуни қувиб кетаётган шер, унинг елкасидаги қуёш нимани англатишини билиб беришимни илтимос қилди.
Ўша куни дарсдан чиқиб, Сайёра билан боғ айландик, кейин шаҳар марказида юрганимизда янги қурилган, замонавий иншоотдаги — Шердор мадрасаси пештоқидагига ўхшаш рамзни кўриб, Акобирнинг илтимоси ёдимга тушди. Сайёра билан шу яқиндаги Марказий кутубхонага бордик. У ердан Регистон майдони ва ундаги иншоотлар тарихи ҳақидаги китоб ва қўлланмаларни, энциклопедия маълумотларини олдим. Бу орада Сайёра интернетдан маълумот қидириб кўрди. Барча манбалардан нусха кўчиртирдик.
Кечқурун уйга боргач, Беҳбудга булар нега керак бўлганлигини билиш учун, ҳар бир сўзни ҳижжалаб ўқиб чиқдим. Қайта-қайта ўқийверганим туфайли деярли ёд бўлиб кетди. Қоғозларга кўмилиб, ухлаб қолибман.
Кўзимни очганимда тонг аллақачон ёришган, эшик қўнғироғини кимдир тинимсиз босарди. Асабим ўйнаб, «очинглар» деб бақирдим. Кейин ўртоқларим ўқишга кетгани ёдимга тушиб, ноилож ўзим турдим. Эшикни очдиму, ҳушим бошимдан учаёзди. Остонада Беҳбуд афтодаҳол бир аҳволда турарди. Кўзлари шишган, юзи кўкарган, тилинган, лабининг бир чети йиртилиб, қон қотиб қолганди. Уни ичкарига таклиф қилдим. Қаҳва ичиб, бироз ўзига келгандек бўлди. Кейин нима бўлганини ўзи айтиб қолар деган умидда жим турдим. Боиси у шахсий ҳаётига таалуқли савол беришларини сираям хоҳламас, унга деярли жавоб қайтармасди ҳам. Аммо ўзи бу ҳақда гапирмади.
— Билсанми, бобом ўлаётиб, бекорга иккиюз сўмлик пулни чангаллаб олмаган эканлар, улар бу билан менга нимадир деб айтмоқчи бўлган экан. Назаримда, Шердор мадрасаси пештоқидаги машҳур рамзларда қандайдир сир яширин, — деди чўнтагидан икки юз сўмлик пул чиқариб. Кейин ўзига-ўзи гапирди: “Нега аввалроқ хаёлимга келмади экан-а?” Дам ўтмай, яна менга юзланиб: “Кечаги айтганларим нима бўлди”, — деди вазминлик билан, худди ҳеч нарса бўлмагандек.
 Унга топган маълумотларимни кўрсатдим. Бир қовоғи шишиб, кўришига халақит бераётгани боис, “Ўзинг ўқий қол”, деди. Унга Амир Ялангтўшбийнинг 1611 йили Имомқулихонга Бухоро тахтига ўтиришга ёрдамлашиши ва бунинг эвазига Самарқандга ҳоким этиб тайинланиши, у 1619-1636 йиллари деярли хароба аҳволга келиб қолган Мирзо Улуғбек ҳонақоҳи ўрнига Шердор мадрасасини, кейинчалик ёнида Тиллакори мадрасасини қурганини ва бу икки иншоот Улуғбек мадрасаси билан биргаликда Регистон мажмуасини вужудга келтирганини ўқиб бердим.
— Яхши, — деди у жиддий оҳангда. — Унинг пештоқидаги рамзлар нимани билдираркан?” Қоғозлар орасидан турли олимлар, тадқиқотчилар томонидан рамзлар шарҳланган саҳифани топиб ўқий бошладим:
— “Қаносларидаги қизғиш зарҳал тусли шер оқ оҳуни қувмоқда. Қуёш бодомқовоқ, кийик кўзли қилиб тасвирланган. Юзи зарҳал тусли ёғду билан ҳошияланган. Шер — инсон, қуёш — зиё, оҳу — руҳий поклик рамзи. Олимлар буни «Инсон умри давомида зиё орқали руҳий покликка эришади, сўнгра у комиллик даражасига етади» деган фалсафа яширин, деб изоҳлашади. Бундан ташқари, бошқа тахминлар ҳам мавжуд. Масалан, қуёш ва кийик 12 буржлик ҳижрий йил ҳисобига ишора. Қуёш — ҳижрий — шамсий йили, кийик — жадий бўлиб, эскича ўнинчи ойдир. Яна тасвирдаги йўлбарс танали шер — ёлдор бошли жонзот ҳам шунчаки эмас. Йўлбарс мучаллар бўйича учинчи ўринда бўлса, буржлар орасида шер бешинчи ҳисобланади. Иккала рақамни қўшсак саккиз бўлади. Саккизинчи ой август бўлиб, бунга оҳу учун қўйилган ўн рақамини қўшсак, ўн саккиз ҳосил бўлади. Демак Баҳодир Ялангтўшбийнинг 18 август куни таваллуд топган. Бу шамсий йил ойлар жадвалида ҳам ўз аксини топган: август – асад ойи, унсури — олов, юлдузи — қуёш, буржи — арслон, бу рамзлар ҳақида яна бошқа деярли шунга ўхшаш бир неча тахминлар бор.
Шердор мадрасасининг ички ҳовлиси равоқларидаги форс-тожик тилида битилган қитъа мадраса қурилиши билан боғлиқ жуда муҳим маълумотлардан бохабар этади. Қитъа мазмуни шундай: “Душман сафларини бузувчи одил Ялангтўш келди, унинг камолоти мадҳига зўр тил дурларга тўлди, у ер юзида шундай бир мадраса қурдики, бу билан фахрланиш фалакка қадар етди, доно ҳарифнинг тафаккур каманди ҳаракат қилса-да, мадраса миноранинг маъносига етолмас...
Шу ерга келганимда Акобир:
—Тўхта, охирги жумлани қайтар, — деди.
Қайта ўқидим. У ҳам “Маъносига етолмас” деб икки-уч бор такрорлади. Кейин: — давом эт, — деди.
 Унга бир неча сония термулиб қолиб, келган жойимдан ўқий бошладим: “Меъмор уни шундай қурибдирким, фалак бу янги ойни кўриб, кўкдаги ойга нисбатан чиройлилигидан бармоқ тишлаб қолди. Уни бино этган Ялангтўш Баҳодир бўлгани учун ҳам, қурилган йилини абжад хисобида «Ялангтўш Баҳодир» деб билингиз”. Ушбу шеър Шердор мадрасасининг икки жойида яъни ички равоқда ва мадрасанинг чап томонидаги қобирғали гулдаста ички биносида битилган.
Ўқиб тугатганимдан сўнг, совиб қолган қаҳвани хўпларканман, менга қараб ўйга толиб қолган Беҳбудга қараб кулдим: «Ҳей, хазинабон, нима бўлди, ўзи? Ким сени бу аҳволга солди? Балки дўхтир-пўхтирга борарсан, дори-пори керак эмасми?”. — У “Кўрамиз”, — деб ўрнидан қўзғалди. Стол устидаги барча қоғозларни йиғиб, буклади-да, жандаси чиқиб кетган блакнотининг орасига тиқди. Кейин хайрни ҳам насия қилиб, эшик томон юрди. Гарчи унинг инжиқ табиат эгаси эканини билсам-да, ичимда орим қўзғалиб ортидан гап қотдим: “Эй... раҳмат-ку майли, хайр дейиш шунчалик қийинми?” У бурилиб, менга қараб қолди. Ўйга ботиб қолган кўзларини кўриб, қўполлигимдан кўнгли оғринди-ёв, деб тургандим, тилга кирди: — “Мени кимдир таъқиб қилаяпти. Агар йўқолиб қолсам, уйимга бориб, мана бу блакнотни қидириб топ. Биласан-ку, бу дунёда сендан бошқа, яқиним йўқ”.
У шундай деб чиқиб кетди.

Маҳбуслар

      1919 йил 23 апрел. Қарши. Темир эшик тошга судралиб, қулоқни қоматга келтирди. Кейин  машъала кўтарган кишининг қораси кўринди. Соқчилар эшикни ёпишди. Зиндонбон Аҳмад ичкарида маҳбуслар билан суҳбатлашиб турганди. Қарши бегининг шахсан ўзи бу маҳбусларни кўргани келиб қолди.
—   Бу ерда нима қилаяпсан, — деди Қарши беги Тоғайбек унга юзланиб.
—   Сўроқ қилаётгандим, — деб жавоб берди Аҳмад.
—   Сўроқ? Сўроқ қилаётгандим дейсанми? Бунинг учун киши сархил егуликлар кўтариб, кунга ўн саккиз бора киради эканми?
Зиндонбон жим қолди: “Сотишибди”, деб ўйлади ичида.
Маҳбуслар эшик очилар ҳамоноқ, ўзларини ухлаганга солишганди. Мардонқул ёнидагиларга шипшиди: — Бекнинг ўзи келибди.
Маҳмудхўжа ҳам Муҳаммадқул қўзғалишни истамади.
Улар бир ой Шаҳрисабздаги зиндонда қийноқ азобини тортдилар. Сўроққа тутишди, уришди. Бу муттасил давом этарди. Калтакланавериб, маҳбусларнинг орқаси шилиниб, яра бўлиб кетди. Лекин хайриятки, беш-олти кун аввал уларни Қаршига кўчиришди. Аммо ҳалигача туну кун оғриқ зўридан инграниб чиқишади. Ҳар тугул бу ернинг зиндонбони хайрихоҳ одам экан. Аммо уларни кўргани Қарши бегининг ўзи келиши яхшилик аломати эмас. Маҳмудхўжа шуларни ўйларкан чуқур хўрсинди.
Зиндоннинг зах ҳидига қоришиб кетган бўғиқ ҳавосида бек бироз жирканиброқ турди-да, сўнг асирларга бир-бир термулиб, сўз қотди:
—   Сизлар кимсизлар?
Унга ҳеч ким жавоб қайтармади. Фақат Мардонқул эшитишни ҳам хоҳламаймиз деган маънони ифодалаш учун ортга бурилаётганда яра бўлиб кетган орқасини йиллар давомида маҳбусларнинг қони билан бўялавериб, қотиб кетган дағал шолча тилиб юборди шекилли, инграниб қўйди.
Маҳмудхўжа ётган жойидан қўзғалиб, бекка юзланди:
—   Бизлар Байтуллони зиёрат этмак учун Самарқанддан чиқғон эдик, йўлда амир маъмурлари сизлар жадид, кофир ва тилчи, деб бизни қўлға олдилар. Биродаримиз Наим афандини шаҳид этдилар. Тафтиш қилинсун. Бизнинг гуноҳсизлигимиз шоят маълум бўлур.
   Бекнинг юзида ижарғаниш пайдо бўлди:
— Сизлар жадид ва кофирдирсизлар. Бухороға жаноб олийға тиғ тортқон сизнинг маслакдошингиз эмасларми эди? Сизларни ўлдирмак керак. Сизлар қутулмоқ учун Байтуллога бормоқни баҳона қилиб кўрсатасиз.
  Суҳбатга зиндонбеги Аҳмад аралашди:
—   Тақсир. Буларнинг ишларини ҳақиқатлаб кўринг. Бегуноҳга ўхшайдурлар. Агар гуноҳлари сабаб бўлса, сўнгра ўлдуринг.
Бек аччиғланиб, биринчи маҳрамига юзланди:
— Сен ҳам жадидмисан? Нега жадидларға тарафдорлик қилаётирсан?
—   Тақсир бу киши Маҳмудхўжа Беҳбудий бўладилар.
Бек қутурган итдек ғазаб отига минди: 
— Ўлдурилатурғон жадидлар учта эди, тўртта бўлишини хоҳлайсанми? Булар амиримизни ўлдурмоққа чоғланган хоин ва фитнакорлардир. Булар ўлумга маҳкум одамлар.
Аҳмад тағин жимиб қолди.
Маҳмудхўжанинг ич-ичидан хўрлиги келди. Аммо бир жасорат туйиб, уни тилига кўчирди:
— Бизлар ўлумдан қўрқмаймиз. Балки ҳақ йўлида ўлмакни ўзимиз учун бир шараф деб биламиз. Мундай йўлда ёлғиз биз ўлмаган, балки кўп кишилар тўғрилик ва инқилоб йўлида шаҳид бўлғонлар. Мустабид амирликнинг ағдариладиган куни яқин, юксак адолат тантанасига ва меҳнаткаш халқнинг барча эзувчилар устидан ғалабага ишончи бизга жисмоний азоб-уқубатларга бардош бериш учун куч-қувват бағишлайди. Агар бизнинг ҳаётимиз ҳуррият ва халқнинг бахт-саодати учун қурбонлик сифатида керак бўлса, биз ўлимни ҳам хурсандчилик билан кутиб оламиз.
— Кўрамиз бошларинг устида қилич ўйнаганда ҳам шундай сайрайсанлармикан?,  — бек шундай дея улардан ижирғангандек, ортга бурилди. Унга маҳрамлари, зиндонбон Аҳмад ва унинг хизматчиси Содиқжон ҳам эргашишди.
Маҳмудхўжа дуо ўқий бошлади:
— Илоҳо, у азиз ва фаол бандаларинг ҳурматиға бизга басират бер. Эшитар қулоқ, англар ақл бер. Эй Аллоҳи азим уш-шон. Бу магар сенинг ғазабингмидур. Афв эт, биз инсонларни, ҳидоят эт. Ер юзинда сулҳ ва силоҳи умумий ато айла. Инсонларға инсоният бер. Золимларни қаҳр эт, маҳв бўлсун зулм. Яшасин адолат ва ҳаққоният, омин....
Бек эшик ортида бу овозни эшитиб турди-да, сўнг индамай кетди.

 Бир неча кундан сўнг Зиндонбоннинг маҳрами Содиқжон Амирнинг қатл этиш хусусидаги фармони келганини айтди. Уччала маҳбуснинг ҳам кўзига ёш қалқди. Маҳмудхўжа ҳаммаси тугаганини ҳис қилди. Энди бошқа йўл йўқ эди. Асрлардан бери сақлаб келинаётган хазинанинг сири наҳотки у билан нарига дунёга кетса? Йўқ, ҳеч қачон. Бундай бўлмайди. Ҳали кўзи очиқ, кўнглидаги истакларини кимгадир айтишга ҳали имкон бор. Бу сирни тўғридан-тўғри бировга сўзлаш — уни бой бериш билан баробар. Шу боисдан у Содиқжондан қоғоз ва қалам олиб келишини илтимос қилди.
    Эртаси куни тушликда Содиқжоннинг қораси кўринди. У енг ичида, егулик у-бу нарса ҳамда айтилганларни олиб келган экан. Ўша куни кечгача Маҳмудхўжа мук тушиб, қоғозга алланарсаларни қоралади. Ҳисоб-китоб қилди. Бўяди, ўчирди. Ва ниҳоят васиятноманининг сўнгги нусхасини тоза қоғозга эҳтиёткорлик билан кўчира бошлади:  “Васиятнома ушбудир: “Эй, Туркистон маориф ишларида бўлғон ўртоқ ва ўғлонларим! Мен ўзим гарчанд банди бўлсам-да, сизларни эсимдан чиқармайман ва сизларга бир оз васият қилиб ўтаман. Мани севар ўртоқларим! Маним сўзларимни қулоқларингизга олингизлар! Биз икки ойдан бери Бухоро шаҳарларида банди бўлиб юриб, ахир ўн кундан бери бир ерда бу золимларнинг қўлиға тушиб банди бўлдик. Жадид, кофир отини кўтардик. Бу ердан қутулмоғимиз гумон бўлди. Ўртоқларим Сиддиқий, Айний, Фитрат, Қори ва Акобир Маҳмуд ва ўғлонларим Вадуд Маҳмуд, Абдулқодир Шакурий!
Сизларга васият қиламан. Маориф йўлида ишлайдурғон муаллимларнинг бошини силангизлар! Маорифга ёрдам этингиз! Ўртадан нифоқни кўтарингиз! Туркистон болаларини илмсиз қўймангизлар! Ҳар иш қилсангиз жамоат ила қилингизлар! Ҳаммага озодлик йўлини кўрсатингизлар! Озодликни тезлик ила юзага чиқарингизлар! Бизнинг қонимизни золим беклардан талаб қилингизлар! Маорифни Бухоро тупроғида жорий қилингизлар!
Бизнинг отимизга мактаблар очингизлар! Бизлар ул чоқда қабримизда тинч ётурмиз. Манинг ўғлонларимға салом еткурингизлар. Бу ҳамроҳларимнинг авлодларидан хабардор бўлинглар! Ушбу васиятимни ёзиб Аҳмадга бердим”.
Маҳмудхўжа ярим тунда Аҳмаднинг навқирон маҳрами Содиқжон келганда  мактубни унга берди. Лекин чиқиб кетар асносида бунга ҳам қаноат қилмай, йигитчани ёнига чақирди-да, қулоғига пичирлаб бор сирни тўкиб солди. Токи у ўзи билан тупроқ остига синггиб кетмасин.
Асирлар ёруғ оламдаги сўнгги тунларини уйғоқ ўтказмоқда эдилар. Маҳмудхўжа чўк тушиб, дуо ўқий бошлади. Қолганлар бошини қуйи солдилар. Муфти дуони тугатгач, Мардонқул ўкириб йиғлаб юборди.

Маҳзунлик

Бир куни Беҳбудни истироҳат боғида учратдим. Ўша кунлари хаёлим паришон эди. Кетма-кет бир неча қариндошларимдан айрилган, тунлари улар билан боғлиқ алоқ-чалоқ тушлар кўриб, ҳушимда аъзои баданимга ҳорғинлик ин қурганди. Шанба куни уззукун уйда тимрискиланиб, телевизор томоша қилиш, ухлаш ёки бошқа бир қизиқарли машғулот билан шуғулланиш ҳам ёқмай, кўчага чиқиб кетдим. Сайёра билан ҳам гаплашгим келмади. Энг севимли жойимга — шаҳар марказидаги боққа — сув бўйидаги ўриндиққа ўтириб, бепоён хаёл уммонига шўнғидим. Ўша куни қайиқда сузиб юрган икки ёшга — атрофга аланг-жаланг қараб, кейин бўса иштиёқида бир-бирига лаб чўччайтираётган йигит ва қизга кўз узолмай термулиб қолган кўйи, дунё, унинг бевафолиги-ю, оний умрни чоғ ўтказиш учун Буюк Қудрат томонидан ҳадя этилган лаҳзалик лаззатлар ҳақида ўй суриб қолдим. Кимдир ёнимга келиб ўтирди, сигарет чекди, кейин туриб кетди. Бошқаси келди. Мен эса хаёлим уммонида сузиб юравердим. Яқинларимнинг умрини, ҳаётини, қилган ишларини ўзим билганим, қувваи-ҳофизам етгани қадар сарҳисоб қилиб чиқдим. Аммо мен бир пайтлар муккасидан кетиб ўқиганим — дунёнинг энг донишвар мутафаккирлари каби бир хулосага қайта-қайта келавердим. Асабни толиқтирадиган, яшашдан бездирадиган жавобсиз саволлар, тинкани қуритадиган безовта ўйлар “инсон бу — жумбоқ” дея қулоғим остида пичирлайверди — “Ер Қуёш атрофида айлангани каби, инсон қалбининг жамики сўроқлари шу жавоб атрофида айланади, фақат ундан таскин қидиради”.
Бир пайт кимдир қўлини елкамга қўйганини сездим. Илкис хаёлдан чалғиб, унга қарадим. Беҳбуд менга ғамгин кўзларини тикиб турарди. Елкамга шаппатлаб, “Бардам бўл”, деди, — “Ҳаммасини эшитдим. Ҳеч ким дунёга устун бўлган эмас”. Кейин иккимиз ҳам жим қолдик. Анча вақтдан сўнг “Дунёдаги энг жирканч туйғу нима биласанми?”, деди. Унга қарадим. Беҳбуд қирғоққа майингина урилаётган сувга термулиб, чуқур хаёлга ботганди. Нима дейишимни билмай каловланиб қолдим. Тўғрироғи, ўйлашга ҳафсалам ҳам йўқ эди.
— Меҳр, — деди у. Кейин давом этди: — Инсон ҳеч бир туйғудан унданчалик азият чекмайди. Бошқа ҳар қандай бадбин туйғулар учун инсонда табиий иммунитет бор. Аммо меҳр... Айтайлик, кимдир сендан нафратланади, ҳақорат қилади, номингни, шаънингни балчиққа булғайди, аммо яшайверасан, дунёи дуннинг ташвишларини елкангдан ошириб, курашишда давом этасан. Чунки бу нарсани ўйламай, тинчгина ухлаш имкони мавжуд. Лекин меҳр... Айтайлик, кимгадир меҳр қўйдинг. У сенинг ишончингни, беғараз муҳаббатингни суиистеъмол қилса, дилинг оғрийди. Суйганинг бевафо бўлса, дўстинг хиёнат кўчасини танласа, биродаринг оёғингдан чалса, сен тортадиган азобдан, ҳис қиладиган оғриқдан, юрагингни суғуриб, ўзингга едирсалар афзал. Яна қазо деган балоибад бор. Бирор яқинингни йўқотсанг, унга бўлган меҳринг жо бўлган қалбингга дунёнинг бор азоби ўпириб киради. Меҳр... инсонни меҳр ўлдиради...
 Беҳбуднинг бу қадар ҳиссиз гапириши этимни жунжиктириб юборди. Бир қарашда у ҳақдай эди. Аммо инсон меҳрсиз яшолмайди-ку?! Негадир шу топда сигиримиз эсимга тушиб кетди. Болалигимда унинг бузоқлашини, қаймоқ, сут, қатиққа тўйишни лабим тамшаниб, роса кутганман. Кейин чиройлигина пешонаси қашқа бузоқчали бўлдик. Орадан бир неча ойдан сўнг, бузоқни онасидан айирдик. Онам ҳам сигирни соғмай қўйдилар. Бир ҳафтача ўтгач, момомнинг онамга “Сигирнинг елини тўлибди, соғиб ташлаш керак, бўлмаса, сигир қийналади”, — деганини эшитиб қолдим. Нега бундай дедилар? — деб роса ўйлаганман, ўшанда. Ҳозир, дафъатан болалик онларимдаги бу воқеага қайтишимга сабаб, инсонга бахшида этилган меҳрни ҳам — ўша сигиримизнинг елинида тўпланиб қолган сутга ўхшатдим. Инсон ич-ичидан кўпириб келаётган муҳаббатни кимгадир бахш этиши керак эмасми? У ичкарида қолиб кетса, бир куни юракни ёндириб юбормайдими? Инсон меҳрсиз яшаса, бировга кўнгил қўймаса, дўст орттирмаса, яккамоховга ўхшаб, жамиятда ёлғизланиб қолмайдими? Одам боласининг қимматли умрини меҳр эвазига келадиган ғурбат маҳв бораркан, яккаш кўнгилга зардоб томчилари мисол сония сайин чиккиллаб ниш уриб турган Мангу Йўқликнинг найзалари қолдираётган яраларга инсон меҳрдан яхшироқ малҳам топа оладими? Шундоғам рутубатга ғарқ бўлган қалбга меҳрдан бўлак мунавварлик қаерда? Бу гапларни Беҳбудга айтишга иймандим.
Кўзларининг туб-тубига чўккан изтиробдан ўзи ҳам дунёдаги бирдан-бир яқин одами бўлмиш бобосига бўлган меҳрдан азият чекаётганини, шунинг азобли товонини тўлаётганини, айни пайтда менга айтгани каби дунёнинг бор азоб-уқубати бир ҳовуч юрагининг нозик деворларини ўпириб кирганини ҳис қилиб турардим.
 У мендан вақтим бор-йўқлиги ҳақида сўради-да, “Агар бўлса юр, бир жойга бориб келамиз”, деди. Катта марказий йўлга чиқиб, такси тўхтатдик. Йўл бўйи у менга ислом оламининг илоҳий китоби ҳақида гапириб кетди. Мен унинг узун, аммо қизиқарли ҳикоясидан мусҳафнинг илк нусхалари бугун Мадина, Қоҳира, Макка ва Тошкент шаҳарларида сақланишини билиб олдим. Бу орада бир неча йил олдин бунёд этилган, айтиш мумкинки, шаҳарга ўзгача кўрк бериб турган Хасти Имом мажмуаси ёнига келганимизни ҳам пайқамай қолибман. У масжид ва Бароқхон мадрасаси ўртасида жойлашган ва дарвозаси кунботар тарафга қараган Мўйи Муборак мадрасаси томон юрди. Шундагина Ҳалифа Усмон томонидан VII асрда кийик терисига ҳижоз хатида ёздирилган мусҳафни кўргани келганимизни фаҳмладим. Кираверишда ёғимизни ечдик. Дастлаб, иккимиз ҳам  қуръонга яқинлашиб, унга тикилиб қолдик. Кейин мен айланиб ўтиб, ён тарафдаги хоналарга қўйилган турли тилдаги диний, катта-кичик китобларни томоша қилдим. Биз келганимизда ичкарида бир нечта хорижлик сайёҳлар бор эди. Бир пайт аллақайси олий ўқув юртининг талабалари диншунослик ўқитувчилари етовида кириб келишди. Талабалар чўк тушиб, дуои фотиҳа қилишди. Баланд бўйли, оқ-сариқдан келган, сочлари энди тўкила бошлаган, мўйловдор гид томоқ қириб олгач, талабаларга мусҳаф тарихи хусусида тўлқинланиб ҳикоя қила бошлади: “Қуръон 114 сура 6236 оятдан иборат. Унда 77439 сўз, 340740 ҳарф бор. Дастлаб учинчи халифа Усмон ибн Аффон уни бир неча нусхада ёздиради. Бу илоҳий китобнинг қандай қилиб Тошкентга келиб қолгани хусусида ҳам бир нечта тахминлар мавжуд. Биринчи тахминга кўра уни Амир Темур Басрадан ёки Олтин Ўрдадан олиб келган. Яна баъзилар эса Шайх Абу Бакр Муҳаммад Қаффол Шоший номи билан боғлашади. Қаффол Шоший ҳажга бораётганида Боғдодга кириб ўтади. Қуръонни Боғдод шоҳидан унга Рум султонининг ибри тилидаги мактубига жавоб ёзиб бериши эвазига олган, дейишади. У узоқ йиллар Самарқанддаги Нодир Девонбеги Тоғо мадрасасида сақланган. 1868 йили Самарқанд руслар томонидан истило этилгач, генерал Абрамов ўлжа сифатида олиб кетади. Бир қанча муддат Россия Маориф вазирлигида, Салтиков-Шчедрин кутубхонасида, Уфада сақланган. 1924 йили Тошкент ва Сирдарёлик уламолар талаби билан Тошкентга олиб келиниб, Ўзбекистон халқлари тарихи музейига қўйилади. 1989 йил Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлар диний идорасига топширилган.
 Гид Ҳалифа Усмоннинг айнан шу китобни қироат қилиб турганида қатл этилгани ҳамда “Бақара” сураси 137-оятда ҳатто қон излари сақланиб қолгани хусусида гапираётганда, айрим дийдаси бўш қизларнинг кўзларида ёш халқаланди. Деярли ҳамма худди қон изларини кўрмоқчи бўлгандек, гид айтгани ҳамоноқ, Германиядан махсус буюртма асосида ясатиб келинган ойнаванд саркофаг тагига қўйилган Қуръонга бир қараб қўйди. Кейин гид, бироз тин олиб, рўмолчаси билан лабларини артди-да, — Саволларингиз бўлса, марҳамат, деди. Талабалар савол бера бошлади. Бу орада мен ён томонга қўйилган ўриндиққа ўтириб, ойна остидаги Қуръон тарихига оид қайдларни ўқишга киришдим. Дафъатан таниш овозни эшитилди.
— Мусҳафнинг хавфсизлик тизими қандай? Уни ўғирлаб кетишга ҳаракат қилинганми?, — Беҳбуд талабалар орасини ёриб ўтиб, гидни саволга тутаётган эди.
Гид:
— Бунинг ҳеч-бир имкони йўқ, — деди. Кейин бироз сукут сақлади-да, давом этди:
 — 1993 йили, шу ерда ишлаган Бурҳон исмли қоравул унинг 8 вароғини ўғирлаб сотмоқчи бўлади. Лекин унинг бу иши фош этилиб, саккиз вароғдан 5 таси аэрапортда, уни четга элга олиб чиқиб кетишмоқчи бўлишганда ушлаб қолинади. Қолган уч вароғи эса топилмаган. Ўша воқеадан кейин бу илоҳий китобни қўриқлаш тизими бир неча бор кучайтирилган”. Беҳбуд: “Қайси саҳифалари топилмаган?”, — дегач, гид бир муддат хаёл оғушида унга термулиб қолди. Кейин бирданига “Охиргилари”, — деб мужмал жавоб қайтарди. Беҳбуд бор нарсани унутган, ўзини қизиқтирган саволларга бирданига жавоб олишга интилаётгани унинг шошиб-пишиб савол беришидан ҳам англашилиб турарди.
— Айтингчи, бу китобнинг саҳифаларига, йўқ, саҳифалари четига  ёзув... Нима десам экан, масалан, авлодлар учун қандайдир мактуб... Хуллас нимадир ёзиб қолдиришган бўлишлари мумкинми?, — деди ҳаммани ҳайрон қолдириб.
Гид ҳам савол эгаси бироз тутилиб гапиргани сабабли, бирданига:
 — Йўқ, — деди қатъий. — Бу китоб энг муқаддас ҳисобланади, аждодларимиз унга қўшимча ёзув ёзишни ҳатто тасаввурларига ҳам келтиришмаган. Эътиборларингиз учун катта раҳмат. Гид тўсатдан савол-жавобга якун ясади.
Беҳбуд талабалар тўпидан ажралиб чиқиб, мен томон юрди. Гид бир муддат анграйиб турди-да, кейин ўқитувчи аёлга яқинлашиб, Беҳбудни кўрсатди-да, нимадир деди. Чиқиб кетар асномизда аввал анча семиз бўлиб, кейин озган, шу туфайли юз териси халқобланиб қолган кексароқ аёл ўқитувчининг йўқ дегандек, бош қимирлатганини кўрдим.
Қайтаётиб, йўл бўйи яна шу мавзуда гаплашиб кетдик.
— Биласанми, — деди у кўзлари порлаб, — ҳар иккала тахминда ҳам ҳақиқат мавжуд бўлса-чи? Айтмоқчи бўлганим — Амир Темур ҳам, Қаффол Шоший ҳам Қуръонни Моворауннаҳрга олиб келмаганмикан? Улардан бирини ҳозир Ҳасти Имом мажмуасида кўрдик.
—Иккинчиси-чи? ..
—Биринчиси иккинчисини топади.
— Хўш?
— Ростини айтсам, бир неча кундан бери иккинчи китобни топиш учун биринчисини ўрганмоқчи, бўлиб юргандим. Тўғри, бу кулгули туюлиши мумкин, лекин қандай бўлса ҳам бунга, албатта, эришардим... Энди ўйлаб кўрсам, бунга ҳожат ҳам йўқ экан...
—   Ҳе сени қара-ю, афсоналар жинниси, — деб кулдим.
У хижолат чеккандек, қовоқларини ўйди:
— Бу бор-йўғи менинг фикрим эди, хоҳласанг аҳмоқона деб ҳисоблай қол, лекин фожеа ясама, илтимос.
Беҳбуддан нега дабдурустдан Шердор қолиб, Қуръонга қизиқиб қолганини сўрадим. — Шердорнинг сирини топдим, — деди у ҳайратимга ҳайрат қўшиб. — Дастлаб арслон елкасидаги қуёшга эътибор қаратдим, — деди у жиддийлик билан. — Биринчи равоқдаги қуёшнинг нурлари 38 та. Иккинчисиники эса 40 та. Қуёш шер ва кийик 12 буржлик ҳижрий йил ҳисобига ишора қилади, кийик (жадий) учинчи ой, йўлбарс мучаллар бўйича 3, шер буржлар орасида бешинчи. Демак бу иккала рақам ҳамда кийикка берилган сонни жамласак 18 ҳосил бўлади. Буни ўзинг яхши биласан. Энди ҳисоблаймиз. Биринчи равоқдаги қуёш нурига 38 га 18 ни қўшамиз 56 ҳосил бўлади. Иккинчи равоқдаги худди шундай умумий сон эса 58 ни ташкил этади. Барчасини қўшсак, 114. Бу сон шубҳа йўқки, Қуръонга ишора қилмоқда.
Инсонни Аллоҳ билан яқин этадиган, жони узилмай, унинг жамолига муяссар этадиган восита бу аълолар аълоси Қуръондир. Ҳатто ҳар бир хаёлимиздан бохабар зот ҳаққи қасам ичаман-ки, то қиёматгача инсониятни ҳақ йўлига чорлаб турадиган маёқ, ўзгармайдиган, ҳар сатри илоҳий нурга чўлғанган нарса бу Арши Аълодан пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в)га нозил этилган адаблар дурдонаси Қуръондир. Дунёда ким боқий яшайди? Нима қиёматгача собит туради? Ўнмайдиган, йўқотилмайдиган, инсоният учун муқаддас нарса нима? Албатта, Қуръон. Ояти калимада ҳам “Инна наҳну наззална-з-зикра ва инна лаҳу лаҳафизун” (Биз сизларга “Қуръони карим”ни нозил қилдик ва биз уни ҳимоя қиламиз), дейилган. Сир Усмон мусҳафига Мирзо Улуғбекнинг суюкли шогирди Али Қушчи томонидан бекитилган. 15 минг жилддан иборат инсоният тафакурининг энг нодир дурдоналарини ва бошқа бойликларни авлодларга етказишнинг балки яккаю ягона йўли шу эди. Буни улар жуда яхши билишган. Демак, сирнинг бир учи Қуръонда.
Ўйланиб қолдим.

Қочиш

      1939 йил 13 сентябрь. Қарши. Тоштурма. Ингроқларга тўла хонада тўйиб нафас олишнингда иложи йўқ. Лаънатланган бу масканга саховатли қуёш ҳам фақат кичик темир панжара орқали бир чой қайнагулик муддат ижарғангандек кириб келади-ю, зум ўтмай йўқолади. Бу ерда кимдир ўрнидан турса, қайтиб ўтириши даргумон. Деворларнинг пасти аллақачон шўрахлаган, ғиштлар емирила бошлаган. Ердан ўтадиган намлик маҳбусларнинг ич-этини чимчиллаб олади. Зариф ўзига ажратилган қўй терисидан қилинган пўстакка чўнқайди. Отаси ерга кетинг билан кўп ўтирма дегани учун оёқлари уюшиб кетса-да шу зайлда ўтираверди. Ўн тарафда деворга тиқиб ўрнатилган устма-уст каравотларга, уларда пишиллаб ухлаб ётган маҳбусларга маҳзун қараб қўйди. Кейин бир кун аввал турма ҳудудида қолиб кетган эски сардобани буздиришаётган пайти топиб олган симчани уч-тўрт кун олдин отаси деворнинг ҳали зах етиб бормаган ғиштига чизиб ёзган тўрт қатор шеърнинг устидан юргиза бошлади. Шу баробарида ҳижжалаб ўқиб, маъносини тушунишга уринди.
Қалам грифтаму гуфтам
Салом бинависам.
Ҳикояти ғами худро
Бом бинависам...
Зарифнинг ўй-у хаёли барибир темир эшикда эди. Тиқ этган товуш эшитилса, ўша ёққа муштоқлик билан термуларди. Сабаби, унинг отасини сўроқ қилгани олиб кетишди. Негадир бу ерга олиб келишганларидан буён отасини тез-тез сўроққа тутишар, қийнашар, ҳолдан тойиб, силласи қуригунча дўппослашарди. Бир сафар бунга ўзи ҳам гувоҳ бўлди.
Бир пайт соқчилар етовида Содиқжонни олиб киришди.  Зариф ўзларига берилган катта-кичик пўстакларга чўнқайиб, калласини тиззалари орасига қўйиб мудраётган, тушларида озодликда от чоптириб юрган, суюклисини, боласини ўпаётганидан ёки ширин таомлар тановул қилаётганидан бўлса керак, лунжлари ликкиллаб тамшанаётган маҳбусларни оралаб, отасига пешвоз чиқди. Зариф яна маҳбусзор оралаб, отасини ўзларига ажратилган жойга олиб келиб ўтирғизди. Содиқжоннинг кўзлари юмилиб кетар, нечукдир бор дунёни унутиб, чўзилгиси, бошини тошга қўйиб бўлса ҳам мириқиб ухлагиси келарди. Лекин бу лаънати турмада оёқ қўйишга-да жой йўқ. Ўн кишилик камерага 40 кишини тиқиб қўйишибди. Илк бор келганларида хонанинг бижғиб кетган ҳавосидан кўнгли айниб юрганди. Аммо энди ўрганиб кетди. Аксинча, тоза ҳавога олиб чиқишса, юраги беҳузур бўлиб кетаяпти. Ҳозир мириқиб ухласа, қайтиб уйғонмаса ҳам майли. Лекин аждодлар сири...
Бу хўрликлар, бу ситамлар уларнинг ҳаётидан қачон ариркан.  Бир неча йиллик қувғинларда катта укаси, хотини, жажжигина қизалоғи ўлиб кетди. Яхшиям, кичик укасини афғонга эски таниши Мулла махсумникига ўтказиб юборди. Энди яшашидан ҳеч бир маъно йўқ. Лекин ўғли... Бир неча кун олдин бошига бир мудҳиш хаёл ёпишиб олди. Тунда торгина каравотда ўғлини қучоқлаб мудраб ётганида жонимга қасд қилиб, барча кўргиликлардан осонгина қутилсаммикан деган шум хаёл миясига ўрнашиб олиб, асаб томирларини эговлай бошлади. Ўзини ўлдиришнинг энг осон, энг мақбул йўли хусусида бош қотирди. Шу пайт қўйнида ухлаётган ўғли безовталаниб, узуқ-юлуқ гапирди. Бу каби ҳолатлар наҳс босган турмада одатий ҳол эди. У бошини нохуш хаёллардан тозалаб, жим эшитиб турди. Лекин ҳеч нарсани идрок эта олмади. Сал ўтиб — Мен ўлсам, ўғлим нима бўлади?, — деган хаёлга чўмди. Нариги дунёда хотинига, нима дейди. Ўғлим Беҳбудийдаги тош турмада, у ер зах. Кўпи билан икки йилда ёнимизга келади, дейдими. Йўқ. Ўғлини бу жирканч дунёларга ташлаб кетмайди. Аввал ўғлини, кейин ўзини ўлдиради. Ҳа, ҳозироқ. У кўпдан бери ювилмаган, дарахт танаси каби ғадир-будур қўлларини жигаргўшасининг иссиққина бўйнига олиб борди. Дастлаб буни ўзи ҳам ўйин деб билиб, силай бошлади. Кейин қаттиқроқ қисди. Бир пайт кўзлари қамашиб, бошқа дунёга тушиб қолгандек бўлди. Ўтган умри кино тасмаларидек кўз олдидан лип-лип ўтаверди. Бу тушими, ҳушими англай олмасди. Ана хотини, қўлида чақалоғи билан эрига пешвоз чиқди. Оппоқ яктакдаги Содиқжон хотининг пешонасидан ўпиб, ўғлини қўлига олди. Унинг ҳам пешонасига лабини теккизиб қўйди. Шу пайт қулоқлари аллақандай шовуллашни туйди. Ўн томондан улар тарафга баҳайбат сув тўлқини бостириб келаётганди. Гўё аллақандай тўғон дарз кетган-у, улкан денгиз суви ўзан қидириб, йўлида учраганни маҳв этишга қасд қилгандек. Содиқжон бостириб келаётган кўм-кўк даҳшатнинг ён-атрофдаги дов-дарахтлардан ҳам баландлигини кўриб, юраги ҳапқириб кетди. Қутилишдан, қочишдан бирор умид йўқ эди. О, ночор одамзот-а. Ўғлини бағрига босиб, ерга чўкди. Хотини ҳам келиб, ерга эгилди. Қўллари эрининг тирсакларини маҳкам чангаллади. Улар шу йўл билан ҳимояланмоқчи бўлишди. Бир неча муддат муқаррар ўлимни кутиб қолишди. Аммо кутилган нарса содир бўлавермади. Шовуллаш овози ҳам тўсатдан тинди. Содиқжон бошини кўтариб орқасига қаради. Не ажабки, бояга даҳшатдан асар ҳам йўқ эди. Қуёшнинг мунаввар нурлари борлиқни олтин рангга чўмилтирар, узоқ-узоқлардан кўзга элас-элас ташланаётган кўм-кўк тоғлар, унинг этагидан судралиб келган яшиллик кўзни қувнатарди. Муздайгина шабада келиб пешонасини, очиқ кўкрагини сийпалаб ўтгандан кейин терлаганини сезди. Шунда бирдан бағрига босиб олган чақалоғининг бўғриқаёганини ҳис қилди. Қўлларини юмшатиб, ўрнидан турди. Хотини ҳам унга ҳамоҳанг кўтарилди. Шунда яна боши айланиб, кўзларининг олди ёришиб кетди. Бир муддат оппоқ дунёга тушиб қолгандек бўлди. Ҳамма нарсани кўраяпти-ю, ўзи йўқ. Секин-секин кўз олди аввал оч қизил, кейин зангори тус олиб, атрофдаги нарсаларни ғира-шира идрок эта бошлади. Туйқусдан кўкрагида нимадир типирчалаётганини   сезди. Юрагим деб ўйлади. Йўқ, алоҳида муаллақ нарса. Кейин ўғлини бўғаётгани ёдига тушиб, қўлларини бўшаштириб, базўр юқори кўтарди. Ўғли жон аччиғида бир сапчиб туриб, каравотнинг темир устунига суяниб қолди. Кўкрагини ушлаб, ўқчиб-ўқчиб йўталди. У ҳар гал йўталиб бўлгач, отасига термуларди. Ўша лаҳзалар Содиқжоннинг қорачиқларига бир умрга муҳрланди.
— Эй, Содиқ ака — Содиқжон ғишт деворга бошини тегизиб хаёл суриб қолган экан. Кимдир уни туртаётганини ҳис қилиб, кўзларини базўр очди. Бу шу хонадаги маҳбуслардан бири Ғулом эди.  Содиқжон кўзини очгач, — “Жуда ёмон уришибди шекилли, сизни, ҳали навбатингиз келишига яна бир неча соат бор. Унгача менинг ўрнимга ётиб тура қолинг”,— деди. Содиқжон унинг илк гапини эшитиб, ҳамдардлик билдираяпти, деб ўйлади. “Ҳа, ҳа”, — деб қўйди. Негаки бу рутубатли хонада меҳр-шафқат, одамгарчилик туйғулари ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмасди. Ғулом сўзларини яна такрорлаб, Содиқжоннинг қўлтиғидан олди. Етаклаб олиб бориб, каравотга ётқизди, кейин ўзи унинг ўрнига бориб чўк тушди. Содиқжон уйқуга кетар олдидан қучоғига мушукваччадек, кириб олган ўғлининг қулоқларига шивирлади: — Ўғлим бироз чида, озгина қолди. Яқинда ҳаммасидан қутиламиз.
 
5-тергов ҳибсхонасининг ходими Захарченко турма бошлиғи, давлат хавфсизлиги лейтинанти Ермаловнинг хонасига кириб, учта маҳбус қочиб кетганини хабар қилди. Ермалов пинагини ҳам бузмай ишини давом эттирди. Бироз ўтгач, ёзувини тугатиб, эшик ёнида ҳалиям қаққайиб ўтирган Захарченкога кўзи тушди-да, қоғозга кўз югуртираётиб сўради:
— Қочиб кетишди денг.
—   Худди шундай ўртоқ бошлиқ.
—   Яхши.... — у шундай деб Захарчекога яқинлашиб келди. — Уларнинг ҳар бир қадамини назоратга олинг. Чегара ҳудудларда назоратни кучайтиришсин. Зудлик билан телеграмма юборинг. Афғонистонга чиқиб кетишга ҳам уриниши мумкин. Изларидан сояга айланинглар. Кейин эртага, ҳеч кими йўқ учта сартни топиб қаманг-да, маҳбуслар тутилди деб, расмийлаштириб қўйинг. Тушунарлими?
—   Хўп бўлади, ўртоқ бошлиқ, уч кун аввал буйруғингиз билан ҳамма чегара постларига хабар берганмиз.
—   Яхши. Дарвоқе, қочоқларнинг қўлида қурол борми?
—   Битта, лекин ўқланмаган.
—   Яхши. Ҳозироқ, қуролини олдириб, маҳбусларни қочириб юборган соқчиларни жазоланг. Ҳаммаси қонуний бўлсин. Энди кетишингиз мумкин.

Қуёш нурларидаги сир

Беҳбуднинг уйида ярим тунгача суҳбатлашиб қолдик. У изланишларининг сўнгги кўринмаётгани, бундан ҳеч бир самар чиқмаётгани ҳақида гапирди.
— Бошим қотиб қолди, балки мусҳаф саҳифаларининг ўғирланиши ҳам  бу нарсага боғлиқдир?, — деди у хаёлга берилиб. 
Шу топда яна Сайёра ёдимга тушди. У мени уйларидаги яширин хонага олиб кирганида, Мусҳаф саҳифаси ёнида эски бир тери парчасини ҳам кўргандим. Айтсамми-айтмасамми, деб иккиланиб турдим-да:
— Йўқ,  пергаментга ёзилган, — дедим, ваъдамга қўл силтаб. — Мен уни кўрганман. Айтаётганим тери парчаси бўлиб, Қуръон кўчирилаётган пайти хаттотлар ишлатган, кейинчалик адашиб кетмаслик учун ундан хатчўп ўрнида ҳам фойдаланилган.
— Қаерда кўргансан?, — деб сўради Беҳбуд ҳовлиқиб.
Унга бир танишимнинг уйида ўша йўқолган саҳифаларни кўрганимни ҳамда бу мутлақо махфийлигини айтдим.
—   Қани юр, — деди у ўрнидан қўзғалиб.
—   Қаерга?, — деб сўрадим.
—   Ўша танишингникига-да, — деди жиддийлик билан.
Йўқ, десам ҳам, оёқ тираб олди. Эртага эрталаб, ўша тери парчасини олиб келишимни айтиб, базўр тинчлантирдим.
Эртаси куни эрталаб, Сайёранинг уйи яқинида у билан учрашиб, гапимни айтдим. У бунинг иложи йўқлигини айтиб, илтимосимни рад этиб турсада, ниҳоят рози бўлгандек бўлди. Ҳаракат қиламан, — деди мужмал. Кейин уйига кириб кетди. Кутиб турдим. Бир неча соатлардан кейин ниҳоят, тоқатимни тоқ қилиб, кўриниш берди. Бахтимга у бу ишни уддалаганди. Хайрлашар чоғимизда ҳам эҳтиёт қилишимни қайта-қайта тайинлади.
      Пергаментни синчиклаб текширганимиздан кейин, Беҳбуд ҳам, мен ҳам дами чиққан пуфакдек, шалвираб, қолдик. Унда ҳеч нарсани англатмайдиган аллақандай бўёқнинг излари, эскирган терининг табиий чизиқ ва ёриқларидан бошқа ҳеч нарса йўқ эди. Шунча қилган уринишларимиз, қийинчиликлар бир лаҳзада ҳавога соврилди. Биз гўёки улкан ва сирли йўлда кетаётиб, тўсатдан олди бекилиб қолган, орқага қарашга юраги бетламаётган тажрибасиз йўловчиларга ўхшардик. Тери парчасини қайта-қайта синчиклаб текширар эканман, тўсатдан отиб юборишга чоғландим. Худди шу лаҳзада Беҳбуд менга бер, дея қўлимдан олди. Асабларим қақшаб, сигарет чека бошладим. Унинг бир парча матоҳни еб юборгудек бўлиб, пайпаслаши, кулгимни келтирди. Бир пайт стол устига мен ҳозиргина ташлаган гугурт қутиси ичидаги ягона чўпни олди. Аммо у ҳам чақилган эди. Беҳбуд қимирлама, деди-да, чўпни лабимда турган сигаретнинг чўғланиб турган учига теккизиб, ёнишини кутиб турди. Кейин гугурт чўпни қўли билан пана қилганча негадир терининг учига эмас, юзасига яқинлаштирди. Барибир ҳозир ёқиб юборади, деб ўйладим. Бир хаёл, уни бу йўлдан қайтармоқчи ҳам бўлдим, аммо аҳдидан қайтариб бўлмаслиги ёдимга тушиб, индамадим. Шу пайт у “Топдим”, — дея, ошхона томонга югуриб кетди. Чиндан ҳам, ёқиб юборса-я, деб изидан бордим. У икки, учта гугуртчўпни бирваракайига чақди.
   — Агар бунда бирор ёзув бўлса, у албатта иссиқ таъсирида кўринади, — деди менга кўз қирини ташлаб. —  Агар бўёғи сульфат ва азот кислотаси аралашмасида эритилиб, тўрт ҳисса сув қўшилган мухсардан  тайёрланган бўлса,  кўк ёзув пайдо бўлади. Нашатир спиртида эритилган кобальтсимон ёмбидан фойдаланилган бўлса, қизил ёзув чиқади. Унга яқин бориб, терига тикилдим. Дарҳақиқат, унинг чап пастки тарафида иссиқ таъсирида аллақандай кўк рангдаги кетма-кет ёзилган турли шакллар кўрина бошлади. Қоғоз-қалам олиб, уни зудлик билан кўчириб олдим.

١ - ٩    ٢ -٢     ۵- ۷     ۶ - ۱۱    ۱-۲     ۱-۳           
  ۶ - ۱۱     ۳ -۱     ۲ -۱    ۱ -۲    ۱-۱۱    ۱-۲
 Буни қаердан билдинг, деб сўрадим, кейин ундан.
— “Тилла қўнғиз”, — деди у.
—   Барибир тушунмаганимни пайқаб, қўшимча қилди. Эдгар По деган ёзувчи ўтган биласанми, Шарқ адабиёти ва тарихини чуқур ўрганган, Амир Темур ҳақида шеър ҳам ёзган. Ўшанинг “Тилла қўнғиз” деган асари бор ўшанда ўқигандим.
— Бўпти шундай ҳам дейлик, лекин бу шакллар нима маънони англатади?
Саволимга жавоб бермай, дераза ёнига борди. Икки табақали ромнинг бир табақасини очиб, ташқарига қаради. Шу кўйи тош қотиб тураверди. Унинг салдан кейин хонада уёқдан-буёққа, бориб келишидан, менга элас-элас эшитилаётган ғўдранишидан, ниманидир ўйланаётганини сездим. 
Уйғонганимда, аллақачон кун ёришган, Беҳбуд  қоғозга нимларнидир ёзаётганди. Кўзлари остида ухламаганидан салқиган доира ҳосил бўлганди.
Ўнига бориб,
— Нима бўлди?, — дедим, кейин жавобини ҳам кутмай, қоғозга қарадим.
— Мана кўраяпсанми, — деди у менга — бу сонлар ўша пайтларда бизда ҳам истеъмолда бўлган араб рақамлари экан. ۱-1, ۲-2, ۳-3, ۴-4, ۵-5, ۶-6, ۷-7, ۸-8, ۹-9. Ўйлаб-ўйлаб, улар қандайдир матндаги ҳарфларни билдиришини тусмолладим. Лекин қанақа матн? Шу топда Шердор мадрасасидаги қитъа эсимга тушди. Лекин маъно чиқмади. Пештоқдаги сирли рамз ҳақида ўйладим. Иккита арслон, икки қуёш, икки оҳу, демакки, 114 сонининг ҳам маъноси иккита. Бири 114 сурадан иборат Қуръонни билдирса, иккинчиси унинг 114- “Нас” сурасини англатади. Яъни  “Одамлар”. Кўриниб турибдики, номида ҳам мурожаат бор. У бешта оятдан иборат экан:
1. Қул аъузу би роббиннаси — Паноҳ сўрайман, одамларнинг роббисидан.
2. маликиннаси — Одамлар подшоҳидан,
3. илаҳиннаси — Одамлар илоҳидан паноҳ сўрайман.
4. мин шаррил васвасил хоннаси — беркиниб, кўриниб турувчи васвасачининг,
5. Аллази йувас вису фи судуриннаси — одамлар қалбига васваса соладиганларнинг,
6. минал жиннати ваннас — жинлар ва одамлардан бўлганнинг ёмонлигидан деб айт.
Бу рақамларнинг биринчиси оятни, иккинчиси ўша оятдаги нечанчидир ҳарфни билдиради. Хайрият... аниқлагандай бўлдим. Ҳар холда маъно англатувчи сўз ҳосил бўлди — “Байтул Тимуру”. Бу арабчадан таржима қилинганда “Темурнинг ошиёни” деган маънони англатади”.
Биз бир-биримизга термулиб қолдик.
— Бу нима дегани, бу Темур яшаган қасрми ёки унинг ҳоки қўйилган Гўри Амир мақбарасими?”, — деб савол бердим.
 — Бу Темур ғори, — деди Беҳбуд. — Туни билан шу ҳақида ҳам ўйладим. Қасрга ёки мақбарага хазина яширилмайди. Мободо шунақ бўлса, катта таваккалчилик бўларди. Қолаверса, биздан олдингилар кўп бор у ерларни текшириб чиққанлар. Ғор эса ҳеч кимнинг эсига келмаган. Ундан Соҳибқирон давлат теппасига келмасидан бурун фойдаланган. Аммо “Зафарнома” ва “Темурнома”да ҳам у йўл-йўлакай эслаб ўтилади, холос. Амир Темур қийин вазиятда қолган бир пайтида ўзига бошпана бўлган табиатнинг бу ошиёнини унутиб қўймаса керак ҳар ҳолда?! Эндиги манзилимиз аниқ бу— Темур ғори.

Ўзга юртлардан паноҳ истаб

      1939 йил. Қарши шаҳри. Содиқжон ортларидан изма-из чопиб келаётган одамни таниди. Бу маҳбус Ғулом эди. Уччовлон туя юриш билан, Қашқадарё бўйига етиб келишди. Сал нарида анча йиллар муқаддам Бухоронинг сўнгги амири Амир Олимхон Беҳбудий шаҳрида ҳокимлик қилганида қурдирган кўприк виқор тўкиб турарди.  Содиқжон ойнинг хира ёғдусида шовуллаб ётган дарёга тикилди. Дарёнинг суви кам, ичида кичик-кичик қамиш билан қопланган оролчалар пайдо бўлганди.
 — Ҳализамон етиб келишади, дарёнинг ичига тушиб, моллар юрган издан оқим бўйлаб юрамиз, — деди Содиқжон. Кейин ўғлининг қўлидан тутиб, ўша томонга юриб кетди.
      Узоқ-узоқлардан кўриниб турган тоғ томонга юзланиб турган Ғулом бир муддат туриб қолди-да, кейин уларнинг изидан юрди. Уччовлон шу тарзда тинимсиз йўл босишди. Кўп юрганларидан ҳарчанд чарчаган бўлса-да, ўтириб нафас ростлаётган чоғларида ҳам, эҳтиёткорликни унутмади. “Токи таъқибда эканмиз, ухлашга ҳаққим йўқ”, деб ўйлади. У мудроқни ҳайдаш учун, тез-тез кўзларини ишқалаб турди. Хаёлида ўтмиш хотиралари гавдаланди. У Қаршига Фарғонадан келганида эндигина 14 баҳорни қаршилаган эди. Уни Беҳбудий шаҳрига шаҳар беги Тоғайбекнинг биринчи маҳрами ҳамда зиндонбони Аҳмад олиб келганди. Улар узоқ қариндош ҳам эдилар. Ўшандан буён унинг хизматини қилиб юради.
     Кунларнинг бирида зиндонда жадидлар раҳнамоси Маҳмудхўжа Беҳбудий ётгани ҳақида эшитди. Содиқжон бир-икки йил аввал Самарқандга борганида муфти ёзган “Падаркуш” театрини кўрганди. Кейинчалик, хат-саводни ўрганиб, бу муҳтарам зотнинг “Ойна” журналини ўқиб юрди. Ўшандан буён бу зотга ихлоси баланд эди, ғойибона учрашиб, суҳбатлашишни орзу қиларди. Тақдир шундай тақдир этган экан.
Ўша машъум воқеа рўй берган куни биринчи маҳрамнинг буйруғи билан зиндонга кириб, Маҳмудхўжадан махфий васиятномани олди. Чиқиб кетар асносида, эса миллат отасидан умрини бошқа ўзанга солиб юборган сирни эшитди. Лекин васиятномани Аҳмадга беришга улгурмади. Боиси Бухоро амирининг Маҳмудхўжа Беҳбудий ва у билан мулоқотда бўлган барчани зудлик билан қатл этиш тўғрисидаги Фармойиши ижросини кўриш учун Бухоро элчихонаси хизматчиси Уткиннинг ўзи келиб қолди. Зиндонбон Аҳмад сўнгги илинжни унда деб билиб, Беҳбудий ва бошқаларнинг жонини сақлаб қолинг, деб илтимос қилди-ю, ўз бошига бало орттирди. Уткиннинг талаби билан унинг ўзи ҳам қўл-оёғи банди этилиб, маҳбуслар билан чорбоққа олиб чиқилди. Бекнинг яқин маҳрамларидан бири Бухоро амирининг қатл эттириш тўғрисидаги махфий фармонини ўқиб эшиттирди. Бу воқеаларни девор ортидаги қуюқ дарахт шохлари орасидан жим кузатиб турган Содиқжоннинг кўзларига ёш келди. Ичидан қўзғолган ингроқни юзага чиқармаслик учун лабларини маҳкам тишлади. Энди мўй ниш уриб қолган ияги қип-қизил қонига бўялди. Ич-ичдан тираб-кетиб, бир пайтлар безгак касалини юқтириб, жон таслим этган отаси каби ваража қила бошлади. Фармондаги “Улар истагимизни бажо келтирмади-ми, бас ўлим билан қўрқитмоқ эмас, ўлдириш керак”, деган дабдабали сўзлар Содиқжоннинг шуурига мангуга михланди.  Жаллод шу боғнинг ўзида маҳбусларга тўртта қабр қаздирди. Жаллоднинг болтасини қайраётганидан фойдаланиб, Беҳбудий ва йўлдошлари таҳорат олиб, сўнгги номозни ўқимоқчи бўлишди. Лекин шу чоғда раҳмсиз жаллод муовинлари уларни номоз ўқигани қўймади. Энг аввал Беҳбудий ҳазратларининг бошини кесди. Бу ҳолни кўриб Мардонқул, Муҳаммадқул ва Аҳмад афандилар ёш шошқатор оқаётган кўзларини чирт юмганча тавҳид ва шаҳодат калималарини ўқиб, ўлимни кутиб турдилар. Шундан кейин бекнинг хизматкорлари мазкур шаҳидларни ўзлари қазгин қабрларга кўмишди ва ер билан текис қилиб ташладилар...
Содиқжон унсиз аччиқ-аччиқ йиғлади. Ютоқиб-ютоқиб ўксинди. Ич-ичидан энди бу ерларда қола олмаслигини ҳис қилди. Шу кетишда Шаҳрисабзгача бадар кетди. Маҳмудхўжа берган васиятномани кўз қорачиғидек асради. Шаҳрисабзда бир ҳаммолга шогирд тушиб, кунини кўра бошлади. Қўли бир-икки сўм пул кўриб, бир йил ичида ўзини ўнглаб олди. Аммо тили бўшлик қилиб, шуурига мангу михланиб қолган воқеани яқини Ҳожимурод ташкиллаштирган даврада сўзлаб берди-ю, боши балога қолди. Уч кун ўтмай изидан бир соя пайдо бўлганини сезди. Тақдир унга ҳали кўп мусибатларни тайёрлаб қўйган экан. 1920 йил  декабрь ойининг ўрталари ёдидан ҳеч чиқмайди. Амир томонидан ёлланган қотиллар у деб ўйлаб, Фарғонадан эндигина келган укаси Салимжон ўлдиришди. Содиқжон ярим тунда, ой шуласи ёруғида қор кураб қабр қазди. Аччиқ-аччиқ изтироб чекиб, жигарини ўз қўллари билан тупроққа қўйди. Кейин дўсти Султонмуроднинг маслаҳати билан Оренбургга қочиб кетди. Уч йилдан сўнг Султонмурод ҳам хотини, 10 яшар синглиси ва 2 яшар гўдаги билан Оренбургга бориб қолди. Беш йилча ўша ёқда яшашгач, яна юртга қайтишди. Бир муддат Қўқонда, Самарқандда умргузаронлик қилишди. Бу орада Содиқжон Султонмуроднинг синглиси Гулрухбегимга кўнгил қўйиб, уйланди. Фарзандлари туравермагач, ҳаво алмаштириш мақсадида, яна айланиб, бу пайтга келиб Беҳбудий номи билан юритилаётган Қарши шаҳрига келиб қолишди.
Содиқжон ҳозир айни кунларда ўша воқеалар ҳақида ўйларкан, умри қочқин ва қувғинларда ўтиб кетаётгани, умрида бир лаҳза бўлсин тин олгани йўқлиги ҳақида ўйлаб қолди. Мана яна, улар бош олиб кетмоқдалар. Бу сафар узоқ-узоқларга кетади. Яна қайтиб келадими-йўқми, саодатли кунлар насиб бўладими-йўқми, бу Парвардигорнинг иродасига боғлиқ. Лекин.. ўғли албатта, қайтиши керак. Уни ватанга муҳаббат руҳида тарбиялайди. Ахир, қачондир душманнинг куни туғмайдиган кунлар ҳам келар...
   
 Эртаси куни тунда узоқдан милтиллаб чироқ ёғдуси кўринди. Бу бийдай чўл ўртасидаги чўпонлар қўналғаси эди. Унга бақириб-бақириб, яқинлашишди. Битта росмана эшакдай келадиган ит вовуллаб, улар томонга чопди. Содиқжон қўлидаги ўқсиз милтиқ билан, Ғулом ва Зариф эса унинг ортига ўтиб, йўлдан топиб олган дарахт шохи билан ҳимояланишди. Шу пайт қўналғадан қорувлигина бир йигитча чироқ кўтариб чиқиб келди. Яқинлашгач,
—Кимсизлар, — деди гавдасига ярашмаган йўғон овозда. 
—   Бизлар адашиб қол.., — Содиқжон Ғуломнинг сўзларини шартта бўлиб:
—   Биз тош турмадан қочдик, — деди.
Чўпон чироқни улар томон тутиб, афт-ангорига, кийим бошига, бирининг қўлидаги милтиққа қараб, бироз иккиланиб турди. Кейин ичкарига таклиф қилди-да, дастурхон ёзди. Анчагача суҳбатлашиб қолишди. Чўпон йигит Дониёр улар айни дамда Қовчин қишлоғида эканликларини айтгач, Содиқжон эски танишини суриштирди:
— Шу қишлоқлик бир танишим бор эди. Исми Сори эди. Отасининг исми Вали. Таниймайсанми, мабодо, — деди.
—   Ҳа, танийман, ўғли биз тенги, исми Абдиназар — деди чўпон йигит чуқур хўрсиниб. — У кишини Фарғона канали қазишга олиб кетишганди. Афсуски, ўша ёқларда ичак туюлишидан вафот этибди. Бир жўраси кийимларини олиб келди, деб эшитдим.
—   Воажаб, — деб ҳайқирди Содиқжон.  — Қарши тупроғида туғилган биродарим мен туғилган тупроққа қўйилибдур, мен эса унинг киндик қони томган қишлоқда овораи-сарсонман. Наҳот, дийдор қиёматга қолган бўлса?...
     Содиқжон марҳумнинг шаънига дуои фотиҳа қилди. Кейин танишининг фарзандлари, яқинларини обдон суриштирди. Уларга ҳамдардлигини етказиб қўйишини тайинлади.
       Учовлон тўйиб-тўйиб овқатланиб, иссиққина қимиз ичишгач, уйқу элитиб, бошларини болишга қўйдилар. Тонг отмай, чўпон йигит уларни уйғотди. Бу орада чўпоннинг онаси ва хотини латта-путталардан меҳмонларга кийим-кечак тикиб қўйишган экан. Қочоқлар бундан жуда хурсанд бўлишди.
 Раҳмат айтиб, хайрлашдилар. Лекин Содиқжон бир неча қадам юргач, яна ортга қайтиб, чўпон йигитдан:
— Нега бизни уйга киритдинг, биз турмадан қочганмиз, ўғри, қотил бўлишимиз ҳам мумкин эдику, — деб сўради.
—   Сиз рост гапирдингиз, — деди Дониёр вазмин оҳангда. — Қолаверса, бизда эшикдан келган меҳмонни ҳайдашмайди. Шунинг учун сизларга қўналға бердим. Содиқжон уни бағрига босди.

 Уч қочқин дам олиб, дам олиб юришди. Бир сафар тин олар чоғларида Зариф ботаётган қуёшга термулиб қолган отасининг елкасидан қучди. Содиқжон хиргойи қилаётганди. Зарифга бу шеърнинг оҳанги жуда ёқади. Ҳар гал ичида қўшилиб такрорлайди. Яна шундай бўлди.
Бир сафар, — унда ҳали қамоқда эдилар, — бир ўзи шу шеърни овоз чиқариб, баралла айтганди. Ўшанда уни отасидан айириб, бир хонага олиб киришди. Тўрда икки киши суҳбатлашиб ўтирарди. Энг юқоридаги сариқнусха одам унга ўқрайиб қараб қўйди. Зариф уларнинг ўзаро мулоқотларидан бу одамнинг исми Захарченко эканини билиб олди. Ўш шуурига захар сўзи ўрнашиб қолди. “Захар, захар, — деб такрорлай бошлади ичида. — Нега бунақа исм қўйишибди экан-а?”, — деб ўйлади. Шу пайт, Захар исмли одамнинг ёнидаги киши тўсатдан мулойим оҳангда ўзбекча гапирди:
—   Отанг сенга хазина ҳақида гапирганми?
Зариф бош чайқади.
—   Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи ёки махфий васият тўғрисида-чи? Тўғрисини айтсанг, отангни ҳам, сени ҳам қўйиб юборамиз, агар айтмасанг, отангни ўлдиришади, майлими, шундай бўлса?
Зариф отаси унга бунақа нарсалар ҳақида гапирмаганини айтди.
Мулойим киши ҳам, Захар исмли киши ҳам унга анча вақт термулиб қолди. Кейин яна ўзаро суҳбатлашиб, кетишди. Зариф уларнинг бу бола ҳеч нарсадан хабари йўқ, отасини қистовга олиш керак, деб гапиришаётанини тушунди.   
Улар гаплашиб бўлишгач, Захар исмли киши эшик ёнидаги соқчига “Болани олиб чиқинг”, — деди. Лекин эшикка етмасларидан, мулойим киши: “Тўхтанглар”, — деди тўсатдан. Тўхтаб, ортга бурилишди. Мулойим киши  унинг ёнига келиб, бошини силаб сўради: “Сенга отанг бирорта шеър ёдлатганми?” 
—   Ҳа,— деди Зариф қўрқа писа. Кейин буйруқ беришгач,  секин айта бошлади:
Чўкмишди ер узра олам тўсуғи
Ўксузлик бойқуши қанот қоқарди.
Ботувда қизориб турғон булутдан
Эзилган кўнглимга мотам ёғарди.
Ҳақсизлик шаҳрининг қон ҳидли ели
Армоним гулидан бир япроқ узиб,
Баҳорсиз чўлларға совуриб қўйди.
Ул нозли япроғим сўлиб, сарғаюб,
Йўқсул қолғонлардай ҳар ён югурди,
Золимлар, мазлумлар зулмларинг-да
Барига учради, барчасин кўрди,
Ўз йўқотқанин излади, сўрди.
Бир дарак топмағач, бирдан бир тикилди,
Бор кучин тўплади.
Золимнинг тахтини тиратган бир товуш
Қичқирди:
- Отамнинг қабрини қай ерга ёшурдинг?!
Бот сўйла!...
Қирли тож кўб қўрқди ботур товушдан,
Сесканиб, титраб ёшунди
Бир жавоб бермасди.
Шеърни айтиб бўлгач, “Буни ким ёзган, у нима ҳақида?”, деб сўради Захар исмли киши мулойим кишидан. Шеърнинг маъносини русчага таржима қилиб, ким ёзганини билмасликларини айтишди. “Яна биласанми?”, — деб сўради, мулойим одам. Зариф тағин “йўқ”, деб бош қимирлатди. “Какой тупой”, — деб сўкинди, Захар исмли киши ўз тилида. Кейин шу шеърни қайта айтишни буюришди. У айтди. Бурчакда ўтирган одам машинкасини чиққиллатиб, ёзиб олди. Кейин яна қамоққа қайтаришди. Келганида отаси унга:
—   Рус тилини биласанми, деб сўрашдими?, — деди.
—   Йўқ”, — дегач, чуқур нафас олди. 

Қочоқлар ниҳоят 13 кун деганда Амударё соҳилига чиқишди. Улкан дарё соҳилни тўлдириб оқар, чаппар ураётган тўлқинлардан киши ҳайиқарди. Ҳаммалари роса чарчаганидан тиниқиб ухлаб қолишди. Зариф уйқудан уйғонганида отаси кийимларини йиртиб, Ғуломнинг оёқ қўлини чандиб боғлаётган эди. Зариф ўзларига хайрихоҳ бўлган бу одам отасига қандай ёмонлик қилганига тушунмади.  “Ота нега унақа қилаяпсиз?”, — деди яқин келиб. Содиқжон “Нари бор”, деб қўли билан тиззасидан итарди. Кейин яхшилаб боғлаганига амин бўлгач, Ғуломнинг оғзидаги латтани олди.
Чалқанча ётган Ғулом оғзидан тупук сачратиб бақирди:
—   Нега боғладингиз мени, — нима гуноҳ қилдим?
Содиқжон ипларнинг мустаҳкамлигини яна бир сидра текшириб кўраркан бепарво гапирди: “Туллак бўлма, сени тирик қолдираяпман. Буни толейимнинг кулгани деб бил.  Шаҳрисабзда жондан азиз укамни ўлдиришгач, 5 йил Оренбургда яшадим. Буни билармидиларинг. Йўқ. Билмайсан. Укамни мен деб ўйлагансанлар-да. Кейин яна тириклигимни билиб қолдиларинг. Илон дам чиқарса, биласанлар-а! Тоштурмада,  тилим маҳкамлигини кўриб, ўша Ермаловинг одамларига, мени бир одам билан қочириб, шу йўл билан хазина қаердалигини билиб олишмоқчи эканларини маслаҳатлашаётганида, бир бурчакда суллайиб ётардим. Рус тилини билишим, етти ухлаб тушларига ҳам кирмаган бўлса керак? Оми деб ўйладингларми? Ҳа, кўрсатиб қўяман сенларга, ҳали. Нега осонгина қочириб юборганларига, нега соқчида ўқланмаган қурол бўлганига, нега ортимиздан қувишга сусткашлик қилганларига ва яна бизга ўша пайти бошқа жойда бўлган сенинг қўшилиб қолганингга ақли етмайди, ҳеч нарсадан шубҳаланмайди, деб ўйлаганмидинг? Сени тўппа-тўғри хазинага бошлаб боришим керакмиди? Қашқадарё бўйигача қочиб келиб, кейин яна жануб томон юрганимда нега тўхтаб қолганингни фаҳмламади, деб ўйладингми? Китоб тоғлари томон қочаяпти, деб гумон қилганмидинг? Ҳойнаҳой, кейин мени ўлдиришни ҳам буюришган бўлса керак-а? Анави норасидани ҳамми?   Ҳе, оналарингни... Бориб, Ермаловга айт, хазинани сенларга бермайман. Бер-май-ман!”.
      Содиқжон ўрнидан туриб, ўғлининг қўлидан ушлади. Қирғоқ бўйлаб Афғонга ўтиш учун саёзроқ жой қидириб кетишди. Ерда ётган, қўл-оёғи чандилган Ғуломнинг афт-башараси офтобда ялтираб, бужмайиб қолди.

Хазина сари

Эртаси куни эрталаб Ҳисор тоғ тизмалари бағрида, Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманининг Тошқўрғон қишлоғи яқинида жойлашган Темур ғори сари отландик. Йўлда Беҳбуддан “Хазинада қанча олтин бўлиши мумкин?”, — деб сўрадим.
—Билмайман, — деб елка қисди. — Буни менга аҳамияти йўқ. Мени қадимий китоблар қизиқтираяпти...
— Майли, Мирзо Улуғбекнинг 15 минг жилддан иборат энг ноёб китоблари ҳам шу ғорга яширилган дейлик, лекин орадан қанча асрлар ўтди, китоблар тугул,  улар солинган сандиқлар ҳам чириб кетмаганмикан?, — деб сўрадим.
У менга термулиб қолди. Саволим уни ҳам ўйлантириб қўйгандек туюлди. Бир оздан сўнг, “Йўқ”, — деди қатъий оҳангда. Юришдан тўхтаб, унга тикилдим. У ҳам менга қаради:
—   Сандиқ ёғочига икки хлорли симоб шимдирилса, у чиримайди.
—   Яна “Тилла қўнғиз”ми? — деб кулдим. Унинг лаблари ҳам ётиқ ярим ой шаклига кириб, юзи ёришди.
—   Лекин ўша китобларнинг бугун аҳамияти бормикан?
Унинг кўзлари порлаб кетди:
— Нега унақа деяяпсан?
—   Ахир орадан 500-600 йил ўтди. Бугун фан техника асри...
— Аммо... у сўзимни илиб кетди. — баъзи соҳаларда ҳалигача уларга яқинлаша олганимиз йўқ. Масалан, тиббиётда ҳануз Ибн Синонинг бизгача сақланиб келган китобларини титкилаймиз. Балки бизгача етиб келмаган китобларида бугун бедаво деб келинадиган хасталикларнинг ҳам шифоси ҳақида сўз юритилгандир. Меъморчиликда ҳам, аждодларимиз биноларни бўяшда ишлатган бўёқларнининг таркибини билолганимиз йўқ. Тошни сарёғдек кесувчи шамширларни бугун қайси аллома ясай олади? Ўқиганмисан ўзи? Тарихий манбалар Амир Темур даврида бу қилич янада мукаммаллаштирилганини кўрсатади. Усталар белга тақиб юриладиган махсус, эластиклик хусусиятига эга “белбоғ қиличи” ясашади. Балки, ғорда сақланаётган ноёб китобларда уларнинг ясалиш технологиялари ҳақида ёзилгандир. Агар шунақа бўлса, бу хазина бутун дунёдаги энг бебаҳо хазина бўлади. Фан ва техниканинг кейингги тараққиётини тасаввур қилаяпсанми? Чинданам, унинг тенги йўқ. Сени эса олтин дейсан.
Тошқўрғон қишлоғида Баҳодир исмли ўртоғим бор эди. У билан ҳарбий хизматда бирга хизмат қилгандик. Сўраб-суриштириб, Баҳодирнинг уйини топдик. У бизни илиқ кутиб олди. Темур ғорини кўрмоқчилигимизни айтгандик, бажонидил ғор оғзигача ҳамроҳлик қилишини билдирди. Туни билан Темур ғори, унинг ичига кирмоқчи бўлган кишилар нималарга эътибор беришлари кераклиги хусусида гаплашиб ётдик.
Ғор пастда мавжланиб оқаётган дарё ўзанидан анча баландда экан. Унга ҳайвонлар юрадиган сўқмоқдан — бир пайтлар тош ва ёғочдан қилинган, аммо ҳозир шағал остида қолиб кетган пиллапоялардан чиқиб бордик. Шаҳарнинг енгил ҳаёти туфайли нозиклашиб кетганимизданми, қора меҳнат қилмай қўйганимизданми, ҳансираб, ўпкамиз қўлимизга тушди ҳисоб. Ниҳоят, не машаққатлар ила ғор оғзига ҳам етдик. Дастлаб қаршимизда иккита ғор пайдо бўлди.
— Биринчиси — сайисхона, — деди кўзимиздаги ҳайратни уққан Баҳодир. — Бу ерда Темур сарбозларининг отлари боқилган. Иккала ғор оғзида бўйи тахминан 20 метр, эни 10 метр катталикдаги супалар бор эди. Ўтириб, бироз хордиқ чиқардик. Пастдаги қишлоқлар кафтдек кўриниб турарди.
 Беҳбуд билан бир пайтлар Амир Темурдек ярим дунёни пойида зир титраган буюк Жаҳонгирга бошпана бўлган бу сирли ғор қаршисида турарканмиз, ҳаяжондан ўзимизни йўқотар даражада, маст эдик.
— Сизларни шу ерда кутиб тураман, эҳтиёт бўлинглар, ғорнинг йўлаклари «лабиринт» шаклида, адашиб қолманглар яна, — деб ҳазил қилди Баҳодир биз ичкарига қадам қўйганимизда ортимиздан бақириб.
Ичкарига 30-40 қадам ташлашимиз билан аста-секин қоронғулик қаърига ғарқ бўла бордик. Дарҳол фонусларимизни ёқдик-да, яна олға интилдик. Шифтдан чиккилаб томиб турган томчилар қадамларимизга ҳамоҳанг сирли ғор қўшиғини куйлаётгандек эди. Келишиб олганимиздек, Беҳбуд билан имо-ишоралар орқали гаплашамиз, қадамимиз ҳам етти бор ўлчанган. Негаки, бунақа жойларда ҳатто қаттиқ товушдан ҳам тош кўчиб тушиши мумкинлигидан иккимиз ҳам яхшигина бохабармиз-да. Кўп ўтмай, кўз ўнгимизда оқиш мармар устунлар пайдо бўлди. Улардан баъзилари ҳатто аллақандай ҳайвонга ўхшаб кетарди. Эҳтиёткорлигимиз янада ошди. Юришда давом этарканмиз, қаршимиздан турли томонга йўналган йўлаклар пайдо бўлганини кўрдик. Лекин кўпини тош босиб, бекилиб қолганди Эътиборимизни ғор деворларидаги бўртма шакллар ҳам тортди. Йўлимизда бир неча табиий чашмалар ҳам учради. Қониб-қониб ичдик.
Кўп ўтмай, ғор торайиб борди, кейин тўсатдан кенгайиб, бизни улкан даҳлизга олиб чиқди. Юра туриб, анча масофадан кейин ғор яна торайиб борди. Сўнг бирданига олдимиз бекилди, сўнгига етдик, деб хаёл қилдик. Лекин нотўғри ўйлабмиз. Беҳбуд пастликда, одам зўрға сиғадиган лаҳмни кўриб қолди. Ундан ҳам зўр ҳаяжон билан судралиб ўтдик. Яна қаршимизда катта-кичик йўлаклар пайдо бўлиб, улар бизни бир-бирига туташ тошхоналар томон етаклади.
Биз юришда давом этавердик. Мен хаёл суриб кетаяпман, биламанки, Беҳбуд ҳам худди менинг ҳолатимда. Бир пайт тўғрида баландлиги 3-4 метр келадиган тош супалар кўринди. Тепага қараб қўрқиб кетдим, қўлчироғимизнинг хира нурида шифтда осилиб турган сумалаклар кўзга ташланди, улар бизга тиғ ўқталиб, устимизда осилиб турарди. Бироз юргач, тўсатдан олдимизда охири қоронғулик қаърига ғарқ бўлган афсонавий кўл ястанди. Теппадан сув шовуллаб тушаётгани эшитилиб турса-да, сув кейин қаердан сизиб чиқиб кетаяпти, билиб бўлмасди. Совуқдан ва атрофга чўккан ваҳимали сукунатдан аъзои баданимиз жунжукиб кетди. Сирли кўлга тикиларканман, сув ичида аллақандай махлуқ мўралаб тургандек туюлаверди. Баттар қўрқиб орқага тисарилдим. Қўрқоқлик қилаяпти, деб ўйламаслиги учун Беҳбудга индамадим. Фақат, қайтсак бўларди, деган муддаони англатиш учун “Энди нима қиламиз?”, — дедим секингина. Гарчи қаршимиздан охири кўл чиқишини, ҳозиргача унинг нариги томонидан нима борлигини инсон зоти билмаса-да, бу қадар ҳеч бир чорасиз қолишимизни тасаввур қилиб кўрмагандик.
Лекин умид билан кўлнинг охирини кўраман деб, чироқни у томон йўналтирдим. Уринишим бесамар кетди.
—    Хазина кўлнинг нариги томонида, — деди у. Кейин қўшиб қўйди, — Бунга ишончим комил!
—   Балки умуман хазина йўқдир, — дедим жаҳлим чиқиб. — Барчаси шунчаки чўпчакдир.
      Иккимиз ҳам жим қолдик. Орқага қайтишдан ўзга чорамиз йўқлигини тушуниб турардик.
      Ортга қайтиб, ўша кеча Баҳодирнинг уйида тунадик. Эртаси куни қишлоқдан иккита брезент кийим, машина балони топдик. Тушдан сўнг ҳордиқ чиқардик. Эртага қиладиган ишларимизни режалаштириб олдик. Тонг саҳарда Баҳодир етовида яна ғор оғзига етдик. У кунботарда бизни шу ерда кутиб оладиган бўлди.
    Яна катта қийинчиликлар билан кўл қошига етдик. Ҳатто бир сафар устимизга тош қулаб тушишига сал қолди. Оёғим тойиб, бошимни қонатиб ҳам олдим. Ниҳоят кутилган лаҳзалар келди. Юрагимизни ҳовучлаб, балонлар ёрдамида кўлдан сузиб ўтдик. Аммо унинг нарёғида ҳам кутилган хазинадан ном-нишон йўқ эди. Хафсаламиз пир бўлди. Тўғрига қараб узун йўлак кетганди. Фарқли томони ғор бу ерда тўртта алоҳида-алоҳида йўлакка бўлинган экан. Тўғрига кетган йўл икки юз метрларда сўнг бутунлай тугаган. Беҳбуд яна кўл ёнига қайтиб, қадамларини чамалай бошлади. Ҳар бир йўлакнинг узунлигини қайта-қайта ўлчаб чиқди. Бирор нарсани топадигандек, ғор деворларини, оёғимиз остидаги тошларни пайпаслаб чиқди. Ўлчовларини балакнотига ёзиб борди. Аммо ҳеч нарса топа олмадик. Фақат ғайритабиий тарзда деворга суянган бир нечта силлиқ япасқи тош эътиборимизни тортди. Афтидан бу ерда ҳам бир пайтлар сув сизиб турган, тошларнинг силлиқлиги, шундан эди. Уларнинг баъзиларининг юзасида табиий бўртма халқасимон шаклларни кўрдик. Бу юқоридан тош қулаб тушиши оқибати деб ўйладик. Мен ҳам Беҳбудга тақлидан худдики ҳозир сир очиладигандек, уларни сийпалаб кўрдим.
      Ғордан шалвираб чиққанимизда, алақачон қоронғу чўккан, Баҳодир ташқарида чопонига ўранганча, бизни интизорлик билан кутиб турарди. Кўриниш беришимиз билан ёнимизга югуриб келиб: “Нега бунча қолиб кетдинглар, тинчликми, тош-пош босиб қолмадимикан, деб хавотир олиб тургандим,— деди. Кейин у икки киши кетма-кет келиб, бизни сўраганини, ортимиздан кириб кетганини айтди. Беҳбуд уларнинг кўринишини суриштириб, ерга туфлади-да:
—   Бири Шарифиддин экан, — деб беҳаёларча сўкинди.
— Лекин айнан ўша сизнинг отангиз эканини айтди, — деди Баҳодир ҳайрон бўлганча. “Отамлигини?”, — Беҳбуд тўхтаб, Баҳодирга термулиб қолди.
Тунни Баҳодирникида ўтказиб, эртасига яна ғорга кирдик. Кўлга етмасдан теппадан яна тош қулаган экан. Бу кеча биз ғордалигимизда шундай бўлганми, ёки тундами эслай олмадик. Лекин ҳеч бир одамнинг қораси кўринмади. Натижасиз Тошкентга қайтдик.  Йўлда деярли гаплашмадик, фақат хаёл суриб келдик. Тўғриси, гаплашадиган гапимиз ҳам қолмаганди. Кейин ўқишга шўнғиб кетдим.
Бир ҳафталардан сўнг, уйига борсам, эшиги қулф экан. Яна уч кун ўтиб бориб ҳам тополмадим. Кейинги сафар қўшнилари уни формали кишилар ҳам қидириб келишганини, уларга Беҳбуднинг суратини кўрсатиб, ҳақиқатан ҳам, шуми-шумаслигини сўрашганини, кейин бир соатга чўзилган суриштирувлардан сўнг, чуқур афсус-надомат билан уни автоҳалокатда вафот этганини, агарда бирор қариндоши бўлса, олиб келиб дафн этишлари мумкинлигини, бўлмаса ўзлари кўмишларини айтишибди. Қўшнилари ҳам унинг қариндошларини билмасликлари боис, ҳатто ўзи билан бирор марта ёзилиб гаплашмаганлари сабабли шундай қилсангиз маъқул дейишибди. Улар шу бўйи қорасини кўрсатмабди. Лекин у қаерга кўмилди, қабри қаерда, уни суриштириб келган милиция формасидаги кишининг исми ким, қаерда ишлайди, кўриниши қандай, булар ҳақида тузукроқ бирор нарса айтиб бера олишмади. Фақат Беҳбуд йўқолиб қолишидан бир неча кун аввал ҳар-ҳар замонда арзимаган пул эвазига уйини тозалаб турадиган қўшни кампирга у ўзи доим қўлидан қўймайдиган қўлдафтарини менга бериб қўйишини тайинлаб кетган экан. Излашдан маъно чиқмаслигини тушуниб турардим. Дастлабки кунларда ундан қолган китобларни, жандаси чиқиб кетган қўлдафтарини ўқиб юрдим. Бир йилгача у билан ўтказган кунларим, эшитган мароқли ҳикояларим бот-бот ёдимга тушиб кетаверди. Яхшиям бахтимга Сайёра бор экан. Гарчи унинг отаси ҳам изсиз ғойиб бўлган, уйларидаги бор экспонатлар бир кечада йўқолган эса-да, у куйган кўнглимга малҳам бўлди.
Бир йил ўтгач, хат олдим. Йўқ, балки олдим десам, хато бўлар. Аниқроғи, китобларим ичидан топиб олдим. Уни ким ёзгани ноъмалум эди. Аммо унда бир парча сомон ҳамда бир вароқ қоғозга муҳр этилган дум чиқарилган думалоқ халқа ва 137 деб ёзилганди. Дастлаб, хамхоналаримдан бири ҳазиллашган бўлса керак, деб ўйлаган бўлсам-да, кейин тўсатдан Беҳбудининг қўлдафтарига ёзилган сўнгги жумлаларни хотиримга келди. Уларни эътибор билан ўқимаган эканман ҳатто. Қайтадан базўр ҳижжалаб ўқий бошладим: “Нега Маҳмудхўжа, ўзининг ўғилларига — Масъудхўжа, Мақсудхон, Матлубхон деб исм қўйган? Нега ҳатто ўзининг исми ҳам “м” ҳарфи билан бошланади. Бунда қандайдир сир яширин эмасми? Махфий васиятномасида ҳам кишини ажаблантирадиган ягона нарса бор — у ҳам бўлса, негадир шогирди ва маслакдош биродари Ҳожи Муинни тилга олмаган. Яна “м” ҳарфи. Бу нимани англатади?” 
Вароқнинг энг пастига ёзган сўзини тушуниб бўлмади. Адашмасам, “қон доғи” дейилгандек эди, аммо ундан бирор маъно чиқара олмадим. Уч-тўрт кунча ўйлаб юриб, мактубдаги белги — халқадан чиқарилган дум арабча “м” ҳарфи бўлса керак, деган хаёлга бордим. Хўш шундай бўлса, нима бўлибди? Бошим ғовлаб кетди. Кейин умуман бу ҳақида ўйламай қўйдим. Лекин Беҳбудни тирик, деб ўйлашимга асос топилганидан қувончим ичимга сиғмасди. Ҳар ҳолда, энди бу хатни у ёзганига шубҳа қилмаётгандим.

Хотима

Мен ўшанда пойида дарё мавжланаётган, аммо чанқоқ азоби бўғзини қақшатиб, нурсиз кўзларини самога тикканча, қуруқшоқ лаблари пичирлаб осмондан ёлвориб ёмғир сўраётган кимсага ўхшардим. Бугун харсангдай ғамлар босиб кетган кўнглимнинг бир тирқишидан олам айвонига назар соларканман, Яратганнинг бизга бахш этган сурурли лаҳзаларини болалигимда қувлигим тутиб ўйнаганим каби, қайноқ қилиқларга эрк берганим мисол бир тўда кабутардай тўзғитиб юборганимни англаб бораяпман. Аммо у тирик эканинига шубҳа қилмайман. Мен гўё ёруғликдаман-у, у ўзининг сирларга бурканган ҳаёти билан қоронғулик ортидан менга термулиб тургандай. Хаёлимда худди ҳозир эшик очилиб, у: “Анчага чўзилган айрилиққа барҳам бериб, мана мен келдим!”, — дейдигандек. Арслон елкасидаги хазинани халққа қайтариш фақат ва фақат унинг маҳрига тушган муқаддас вазифа.
У бир куни, албатта, келади ва ўз хазинасини топади.

Qayd etilgan