Dilda yor (Hazrat Bahouddin Naqshband)  ( 30786 marta o'qilgan) Chop etish

1 B


AbdulAziz  06 Iyul 2010, 15:07:26

Dilda yor (Hazrat Bahouddin Naqshband)



Muallif: Sadriddin Salim Buxoriy
Hajmi: 3,10 Mb
Fayl tipi: pdf, zip
Saqlab olish
Online o'qish

Qayd etilgan


Ansora  16 Avgust 2010, 12:36:26

Садриддин Салим Бухорий

ДИЛДА ЁР

(Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд)

Бадиа

Тошкент
Ғафур Ғулом номидаги
Адабиёт ва санъат нашриёти
1993


ҲАЗРАТ БАҲОУДДИН НАҚШБАНД

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим

Ҳазрат Саййид Муҳаммад Баҳол-ҳақ вал-миллат вад-дунё уд-дин Нақшбанд ибн Саййид Жалолиддин нақшбандия тариқатининг улуғ машойихларидандир. Бу киши соҳиби каромат ва олими раббоний, Қуръони Карим ва пайғамбар алайҳиссаломнинг буюрганларини халққа етказиб, ислом дини ривожига муҳим ҳисса қўшган валиюллоҳ ҳисобланадилар.
Ҳазратнинг исми шарифи Муҳаммад, отасининг исми Муҳаммад Жалолиддин, лекин Ғарбу Шарқда Ҳазрат Баҳоуддин, Хожа Бузург (Буюк Хожа), Шоҳи Нақшбанд номлари билан машҳурдир.
Ҳазрат Баҳоуддин 1318 йил Бухоро шаҳри яқинидаги Қасри Орифон қишлоғи (Когон тумани)да туғилади. Баҳоуддин туғилган жой Қасри Ҳиндувон аталиб, ке-йин эса у зот шарофатидан Қасри Орифонга айланди.
Абулҳасан Муҳаммад Боқир бин Муҳаммад Алининг «Мақомоти шоҳи Нақшбанд» китобида ёзилишича, Баҳоуддинга бевосита Саййид Мир Кулол устозлик қилган.
Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий ўз муриди Саййид Мир Кулол билан Қасри Ҳиндувондан ўтаётганда: «Бу тупроқдан бир эр иси келмоқдадир. Шу зоти шариф барокатидин Қасри Ҳиндувон Қасри Орифонга айлангай” дебди. Ўша пайтда ҳали Муҳаммад Баҳоуддин туғилмаган, балки онасининг қорнида экан. Бир неча вақтдан кейин яна ўша ердан ўтиб: «Ҳалиги эрнинг иси ортиқроқ бўлубдур», дейди. Дарҳақиқат, шу вақтларда Муҳаммад Баҳоуддин туғилади. Туғилганига уч кун тўлганда Баҳоуддинни Бобойи Самосий маънавий фарзандликка қабул қилиб, Мир Кулолга Баҳоуддин тарбияси билан жиддий шуғулланишни топширади.
Носириддин ал Бухорийнинг «Туҳфат аз-Зоирин» («Зиёратчиларга туҳфа») китобида ёзилишича, Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий улуғ пир Хожа Али Рометаний (Хожаи Азизон) нинг энг етук шогирдларидан бўлган. Бобойи Самосий Бухоро вилоятининг Рометан тумани Самос (Симос) қишлоғида туғилган. Қабри ҳам худди шу қишлоқдадир.
Бобойи Самосий Ҳазрат Баҳоуддиннинг дунёга келаётганини олдиндан қандай билган? Аллоҳ таоло тариқат пирларига каромат қувватини ато этган экан. Улар ёзда дарё сувларини музлатар, бир зумда Мағрибдан Машриққа бориб келиш қудратига эга бўларкан. Шунингдек, олдиндан кўрмаган киши келишини ҳис қила билмоқ, дарёлардан кўприксиз ўтмоқ, сув юзасида юрмоқ, гулхан устида бемалол турмоқ, осмонда кезмоқ, қушлар, ҳайвонлар билан сўзлашмоқ, қалъаларни бармоқ ишорати билан яксон этмоқ каби инсон ақли бовар қилмайдиган ишларни бажармоқ пирларга хосдир. Бобойи Самосий ҳам Аллоҳ берган каромат ила олдиндан Баҳоуддиннинг дунёга келаётганини билган ва ўз муридларига айтган экан.

“Туҳфатул ансоб”да Баҳоуддин насаблари ҳақида шундай маълумот берилади: Ҳазрат Баҳоуд ҳақ вад-дин Саййид Муҳаммад ибн Саййид Муҳаммад Жалолиддин Бухорий ибн Саййид Бурҳониддин Холдор ибн Саййид Абдуллоҳ ибн Саййид Зайнулобиддин ибн Саййид Шаъбон ибн Саййид Бурҳон ибн Саййид Маҳмуд Ру-мий ибн Саййид Исҳоқ ибн Саййид Тақи ибн Саййид Маҳмуд Жоме ибн Саййид Али Акбар ибн Ҳазрат Имом Али Тақи ибн Имом Муҳаммад Тақи ибн Ҳазрат имом Али Мусо ар Ризо ибн Зайнулобиддин ибн Ҳусайн ибн Али ибн Абу Толиб.
Ҳазрат она томонидан Сиддиқийдир, яъни насаблари Абу Бакр Сиддиққа бориб тақалади.

«Туҳфат аз-Зоирин»да Саййид Мир Кулолнинг бир юз ўн тўртта халифа (ўринбосар)лари бўлгани, уларнинг етуги Мавлоно Ориф Деҳа-Деггароний, Хожа Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Жамол Деҳаи Осиёий, Шайх Шамсуддин Кулол, Шайх Ёдгор, Хожа Шайх Дарзуний ва Мавлоно Жамолиддин Кеший деб ёзилган.
Саййид Мир Кулолнинг Амир Бурҳон, Амир Ҳамза, Амир Шоҳ, Амир Умар исмли фарзандлари бўлган.

 “Темур тузуклари”да хабар берилишича, Саййид Мир Кулолнинг шогирдлари Шамсуддин Кулол асли қаршилик бўлиб, Амир Темурнинг отаси Амир Тарағайнинг пири, шунингдек, Саййид Барака ва Зайниддин Тойибодий қатори Амир Темурга пир бўлган.
Тарихий манбаларда таъкидланишича, Саййид Мир Кулол Баҳоуддинга тариқат сулуки (йўли) ва одобни, зикр талқинини ўргатган. Зикр сўзининг маъноси «ёд-лаш», «эслаш», яъни Аллоҳни ёд қилиш демакдир.

Зикр этиш Қуръони Каримдаги «Аъло» сурасининг қуйидаги оятлари асосида шаклланган: «Саббиҳисма роббикал аълаа» (1-оят), яъни: «Поклаб ёд эт ҳаммадан олий қадр бўлган Раббинг исмини». «Ва закара исма роббиҳи ва солла» (15-оят), яъни: «Ва (тили қалби билан) Раббисининг исмини зикр қилса, намоз ўқиса (ютуқ ўшаники)» (Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф «Тафсири Ҳилол» 30 жуъз.).
Ҳазрат Баҳоуддиннинг пирига ихлосу эътиқодини қуйидаги ривоятдан билса бўлади. Пирлари Мир Кулол хумдонга ўт ёқишни буюрибди. Ҳаво иссиқ, саратон пайти экан. Баҳоуддин хумдонга ўтин қалаб туриб, эгнидаги бор давлати ҳисобланмиш пўстинни ечиб оловга ташлабди. Бу ҳолни кўриб Мир Кулол: «Эй фарзанд, хумдонга кириб пўстинингизни олинг, ҳали у сизга кўп даркор бўлади!», дебди. Баҳоуддин эса эътироз билдирган: «Агар у тош ёки темир бўлганда ҳам хумдонда аллақачон эриб кетарди. Менинг пўстинимдан ном-нишон қолмагандир». Мир Кулол: «Эй Баҳоуддин! Ҳақ Субҳанаҳу таоло ишқи оташида неча йилдан бери куйиб келяпсиз, лекин бу пўстинингизга ул оташ таъсир қилмади. Ваҳоланки, эгнингизда доимо шу пўстин бор эди. Хумдондаги олов зинҳор-зинҳор ул пўстинни куйдиролмагай. Зеро машойихлар: «Каси сўхтаро ду бора бирён накунанд», яъни,куйган одамни иккинчи маротаба ўтга ташламаслар, деганлар. Қўрқмай хумдонга киринг!» дебди. Баҳоуддин бисмиллоҳ, деб лов-лов ёниб турган хумдон ичига кирса, пўстинининг ҳатто бир тукига ҳам олов таъсир қилмаган экан. Шунда Мир Кулол: «Эй фарзанд! Дарвешлар зоҳирида бўлган нарсаларга дунё оташи таъсир этмас. Сиз дарвешлар қалбидан жой олмоққа саъй-ҳаракат айланг, шунда дўзах оташи сизни куйдиролмас», деган экан.

“Мақомоти Амир Кулол”да бу кишининг кароматлари ҳақида ажойиб ҳикоятлар бор. Бир куни Саййид Мир Кулол асҳоб (суҳбатдош)ларига Каъбатуллоҳ ҳақида ҳикоя қилиб, Каъба кўз олдиларида бор бўйи билан тургани каби ғоят тиниқ тасвирлабди. Муридларидан бирининг кўнглига: «Каъба ҳақида гапирадиган киши уни ҳеч бўлмаса умрида бир бор кўриши керак-ку! Пиримиз Мир Кулол эса Каъба зиёратига борган эмаслар. Тахмин билан гапиряптилар!» деган фикр келибди.
Бир соатдан сўнг суҳбат тугаб, Мир Кулол асҳоблари билан кўчага чиқиб, ҳалиги муриднинг қўлидан тутиб: «Эй нодон! Кўнгил кўзини оч ва юқорига қара, тамошо қил!» дебди. Кўнглидан шубҳа ўтган мурид юқорига қараса, Каъбатуллоҳ Амир Кулолнинг боши тепасида жилва қилиб турибди.
Рубойи:

Ин дида бипўш, то дилат дида шавад,
З-он дида жаҳони дигаре дида шавад.
Гар равзани дил ба зикри Ҳақ бикшойи,
Дар жоми фалакҳар чи бувад дида шавад.

Мазмуни: Кўзларингни юм, то кўнгил кўзлари очилсин, зеро кўнгил кўзи ила ўзга жаҳонни кўриб бўлади. Агар кўнгил равзани (даричаси) Ҳақ зикри ила очилса, фалак комида не иш бўлса, ҳаммасини кўрса бўлади.
Нақл қилинишича, Мир Кулол ўз асҳоблари билан бирга даштда кетаётганида, асҳоблар у кишидан олдинга ўтган, Мир Кулол эса орқада қолган экан. Тўсатдан асҳоблар олдидан бир баҳайбат шер чиқиб, йўлни тўсади. Асҳоблар не қилишни билмай, Ҳазрат Мир Кулол томон югурадилар. Мир Кулол шернинг ёнига бориб, филҳол унинг бўйнидан олиб, йўлнинг чеккасига чиқариб қўяди. Шер то асҳоблар ўтиб кетгунча таъзим қилиб туради.
Баҳоуддин ўн саккизга кирганида онаси у кишини уйлантирмоқчи бўлади. Баҳоуддин никоҳ маросимига Бобойи Самосийни таклиф этиш учун Самосга боради. У ерда шайхнинг суҳбатидан файз олиб, хурсандликдан масжидга бориб, икки ракаат намоз ўқийди ва Аллоҳга дуо айтиб: «Ё Раб! Бало юкин тортишга қувват бер! Менга эҳсон қил?!» дейди. Бу дуо Бобойи Самосийга маълум бўлади ва ул зот: «Аллоҳ, сенинг ризонг не бўлса, бу заиф бандангни анда тутгил. Фазлу карамингни мендан дариғ тутма, деб дуо этди. Зеро, Худои таоло ҳар дўстига бало юборса, ўз инояти билан бало юкини тортарга қувват бергай. Банда ўз ихтиёри билан балони ўзига талаб қилиши мумкин эмас. Бу густоҳлик (беадаблик) ҳисобланади», дебдилар.
Нақл қилинишича, Баҳоуддин уйланган. Бухоролик шоир, олим Ҳасанхожа Нисорийнинг (1516—1597) «Музаккири аҳбоб» («Дўстлар ёдномаси») асарида Ҳазрат Баҳоуддиннинг наслларидан бўлган Ҳасанхожа Нақшбандий ҳақида маълумот бор. «...Ҳасанхожа Нақшбандий — қутбул восилин Хожа Баҳоуд-давлат вал ҳақ вал-ҳақиқат вад дунёуддиннинг киром насли ва улуғ авлодидан. Олқиш олган хулк-атвори ва таҳсинга сазовор кирдикори бор... Олий ва шон-шавкатли, юмушларининг улуғлигига қарамай, камтарлик ва ниёзмандлик йўлини ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ адо этиб, жисмоний лаззат, моддий манфаатларга илтифот қилмай, ҳамиша маънавий ҳузур ортидан юрувчи экан, авзун табъи матонат девонининг матлаъи ва фатонат қасидасининг байти бўлиб, гоҳо шеър айтишга ҳам майл билдирар ва бу матлаъ унинг шариф сўзларидандир:

Дил бурда зи мая чашм сиёҳе баногоҳ
Ширин даҳане, лаб шакаре, рўй чу моҳ.

Мазмуни: Тўсатдан дилим элитди тус қора кўзи, ширин оғзию шаккор лабию ой унинг юзи («Ёшлик». 1-2-сон, 1992 йил. Форсчадан И. Бекжон таржимаси.).

«Мақомот»да зикр қилинишича, «Нақшбандия тариқати пирларининг айримлари увайсийдир. Жумладан, Боязид Бастомий, Абулҳасан Харақоний, Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд увайсий ҳисобланадилар.
Увайсий сўзининг мазмуни нима? Алишер Навоий ушбу саволга қуйидагича жавоб берганлар: «...ҳар кишики, бу тоифадин зоҳир юзидин пири маълум бўлмаса ва машойихдин бирининг руҳи они тарбият қилган бўлса, они увайсий дерлар». Демак, ўтмиш улуғлардан бирининг руҳи қайси кишини тарбия қилса, ундай шахс увайсий бўлар экан.
Илк увайсийлардан Шайх Султон Увайс Қараний ҳисобланади. Чунки Султон Увайс тобеинлардан, яъни пайғамбар алайҳиссаломни кўрмай, у кишининг саҳобалари билан ҳамсуҳбат бўлган.
Муҳаммад алайҳиссаломнинг руҳи шайх Увайсни тарбия этган. Шу сабаб, кейинги тобеинлар увайсий аталганлар. Демак, муридни кўрмай тарбия этиш анъанаси ҳам пайғамбар алайҳиссаломдан қолган экан.
Баҳоуддин Нақшбандга Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний руҳлари тариқат сабоғини ўргатади. Ваҳоланки, Абдухолиқ Ғиждувоний вафотларидан 139 йил ўтгандан кейин Баҳоуддин туғилади.
Хўш, руҳ ўзи нима? Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг ёзишича, руҳ мавзуси илмда ҳам, фалсафада ҳам қадимдан энг мураккаб муаммолардан ҳисобланади. Бу муаммонинг энг тўғри ечимини Қуръонда кўрамиз. Жумладан, «Исро» сурасида шундай дейилади: «Сендан руҳ ҳақида сўрайдилар. Айтгин, руҳ Аллоҳнинг иши, сизларга фақат озгина илм берилган, холос» (85-оят).
Бир кеча Баҳоуддин Бухорои шарифдаги учта мозористонга боради. Ҳар мозорда биттадан чироғдон бўлиб, ичи тўла ёғ, лекин фатилалари, яъни пилиги ёғ ичига ботган, шу сабаб чироғлар милт-милт этиб ёнаётган экан. Ул фатилаларга андак ҳаракат берилиб, тузатилса, чироқ ёруғроқ нур сочиши муқаррар. Шундай манзарани кўриб, Баҳоуддин мушоҳада этади. Учинчи муборак мозористонга етишганида, қибла девори ёрилиб, бир улуғ тахт пайдо бўлади. Тахт олди парда билан тўсилган экан. Тахт устида бир улуғ зот ва у кишининг атрофида бир неча нуроний пирлар ўтирганини Баҳоуддин кўриб, уларнинг орасидан Бобойи Самосийнинг руҳларини танийди. Даврадагилардан бири улуғ тахтда ўтирган пир Ҳазрат Абдухолиқ Ғиждувоний эканлигини ва атрофдагилар эса Ғиждувонийнинг асҳобларидан Хожа Аҳмад Сиддиқ, Хожа Авлиёи Кабир (Авлиёи Калон), Хожа Ориф Ревгарий (Хожа Орифи Моҳи Тобон), Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий, Хожа Али Рометаний, Хожа Муҳаммад Бобойи Самосийлигини билади.
«Баҳоуддин: «Ул жамоатдин илтимос қилдимки, ҳазрат Хожа (Абдухолиқ Ғиждувоний)га салом қилай ва муборак дийдорларига мушарраф бўлай. Яшил пардани шайхдан олдилар. Пире кўрдум нуроний. Салом қилдим, жавоб бердилар ва сўзларки, сулук мабдаи (бошланиши) ва васатий (ўртаси) ва охирида кераклиларни манга баён қилдилар ва дедилар, ул чароғларки, ул кайфият бирла санга кўргуздилар, ишорат ва башоратдур санга бул йўл қобилияти ва истеъдодидин.. Аммо истеъдод фатилаларни ҳаракат келтурмак керак, то ёруғай ва асрор зуҳур қилғай...».
Шундан сўнг Абдухолиқ Ғиждувоний Баҳоуддинга насиҳат этиб, пайғамбар алайҳиссалом суннатларига амал қилиш, ҳар қандай бидъатдан йироқ юриш, Му-хаммад алайҳиссалом ҳадисларини дастуруламал деб билиш ва Саййид Мир Кулол хизматларига бориш кераклигини уқтиради.
Абдухолиқ Ғиждувоний Баҳоуддинга зикри хуфияни ўргатган. Хуфия зикр, яъни овоз чиқармай Аллоҳ таоло номини юракда зикр этиш таълимини Абдухолиқ Ғиждувоний Хизр алайҳиссаломдан ўрганган экан.
Нақл қилинишича, бир кун Абдухолиқ Ғиждувоний Қуръони карим тафсирини мутолаа этаётганларида қуйидаги оятга дуч келган: «Сен ўз Парвардигорингга ёлвор ва махфий ҳолда дуо қил, чунки у ҳаддан ошувчиларни ёқтирмайди». Абдухолиқ Ғиждувоний бу оят мазмунини устози Имом Садриддиндан сўрайди: «Агар зокир (зикр этувчи киши) овоз чиқарса, бу ҳол бошқаларга аён бўлади. Мабодо дилда, яъни товуш чиқармай зикр этса, шайтон воқиф бўлур. Чунки, шайтон одам фарзандиниг ичида қондек оқиб юради, деган ҳадис шунга ишорадур. Хўш, унда хуфия зикр этиш қоидаси ва тартиби қай тарзда бўлур?» Имом Садриддин: «Сен сўраётган илм «илми ладуний»дир, яъни Аллоҳ таоло томонидан ато қилинган илм. Агар Аллоҳ ладуний илмини сенга маълум қилмоқни хоҳласа, албатта аҳлуллоҳ (Аллоҳ одамлари)дан бирини ёнингга юборади, у сени бу илмдан огоҳ этади», деб жавоб берибдилар.
Ладуний илм ҳақида «Ғиёсул луғот» да шундай хабар бор: «...Аллоҳ таоло томонидан ато қилинган илм. Ундай илмга уриниш, саъй-ҳаракат, риёзат чекиш иатижасида, Аллоҳ таоло хоҳласа, эга бўлиш мумкин. Чунки бу Аллоҳ хоҳлаган кишиларгагина берилувчи илоҳий илмдур».

Ладуний илм учга бўлинади: ваҳий, илҳом, фаросат (интуиция). Ваҳий пайғамбарларга, илҳом авлиёларга, фаросат орқали билиш эса сўфийларга Аллоҳ изни (рухсати) билан берилади.
Имом Садриддин билан бўлган суҳбатдан бир неча муддат ўтгандан сўнг Хизр алайҳиссалом келиб, Абдухолиқ Ғиждувонийга хуфия зикрдан таълим берадилар ва фарзандликка қабул қиладилар.
Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний ёзадики: «Йигирма икки ёшимда уйғоқ қалбларнинг хожаси Хизр алайҳиссалом мени шайхи раббоний Юсуф Ҳамадоний қўлига топширдилар ва мени тарбият қилишга васият қилдилар, улар (яъни Юсуф Ҳамадоний) Мовароуннаҳрда эканликларида мен хизматларини қилдим ва кўп ман-фаатлар топдим».
Юсуф Ҳамадоний Абдухолиқ Ғиждувонийга сўфийлик хирқасини кийгизган. Абдулло Барқий, Хожа Ҳасан Андоқий, Хожа Аҳмад Яссавий, Абдухолиқ Ғижду-воний Юсуф Ҳамадонийнинг шогирдларидир.

Юсуф Ҳамадонийнинг қадамжолари Бухорои шарифда ҳозир ҳам бор. Бу қадамжо Корхона (Узбекистон) гузарида жойлашган. Бундан ўттиз йилча муқаддам Корхона гузарида ҳовуз, масжид, кичкина мақбара бор эди. Ҳовуз кўмилди, масжид эса йиқитилиб, унинг ўрнида ҳовли-жой қилинди. Лекин ҳовуз шимолидаги мақбара, яъни Юсуф Ҳамадоний қадамжолари шарафига қурилган бино қолган. Худди шу ерда Юсуф Ҳамадоний бир неча йил яшаб, Андоқий, Барқий, Яссавий, Ғиждувоний ва бошқа шогирдларга дарс берган. Дарвоқе, мақбара оёқости бўлмасин деб бир мусулмон ўз уйига қўшиб олган. Агар шундай этилмаганда эди, юзлаб алломаларимиз мозорлари каби бу зиёратгоҳ ҳам аллақачон ер юзидан йўқотилган бўларди. Айни шу кунларда бу зиёратгоҳ яна обод этилмоқда.
Кексаларнинг айтишича, қай бир пок одам жума куни саҳарда Корхона гузаридаги ҳовуз ёнига чўк тушиб, ихлос билан қулоқ солса, Юсуф Ҳамадоний корхоналаридан чиқаётган товушни эшитар экан. Мазкур гузар аҳолисининг кўпи матога нақш солиш касби билан шуғуллангани тарихдан маълум.

Биз юқорида зикр этиш ҳақида маълумот бердик. Хўш, нега зикр этиш машғулоти тариқатда асос қилиб олинган? Тўғри, зикр Аллоҳни ёдлаш ҳисобланади. Ошиқ ўз маъшуқини эслаган каби, зокир ўз маҳбубини муҳаббат билан ёдлайди.
Муҳаббат — тасаввуфнинг асосий рукнларидан бири. Жуда кўп ирфоннй тушунча — истилоҳларнинг шарҳи муҳаббатга боғланади. Умуман, тасаввуфни илоҳий муҳаббат ҳақидаги илм, дейиш мумкин. Чунки, тасаввуф илоҳий маърифатни эгаллаш, Аллоҳнинг сифат ва исмлари орқали Унинг зотини билиш ва танишни талаб қилар экан, буни ақл ва назарий - тафаккурий билимлар билан эмас, балки яширин бир ички туйғу, ботиний басират, яъни муҳаббат воситасида амалга ошириш мумкин, деб таълим беради (Нажмиддин Комилов).
Ҳазрат Баҳоуддин «кимхога нақш боғламоққа машҳурлар» (Алишер Навоий). Маълум бўляптики, Хожа Баҳоуддиннинг касблари кимхога, яъни матога нақш солиш экан.Чунки тариқат пирлари маълум бир касбни ўрганиб, ҳаёт кечирганлар. Зеро,пайғамбар алайҳиссаломнинг: «Қуръонни ўқиб, унга амал қилинглар. Ундан узоқлашиб ҳам кетманглар, унинг маъносига чуқур етаман, деб хато ва муболағага берилиб кетманглар, уни тирикчилик воситаси қилиб олиб, молу дунё орттиришга ҳам ўтманглар», деган ҳадисларига тариқат пирлари амал қилганлар. «Арқон олиб тоғдан ўтин териб, уни сотиб еб ва садақа қилган одам, тиланчилик билан кун кечиргандан яхшироқдир», деган ҳадис текинхўрлик, таъмагирликка қаршидир. Жумладан, шайхул-машойих Абу Саид Ғарроз маҳсидўз, шайхулислом Хожа Абдуллоҳ Ансорий этикдўз, шайх Муҳаммад Саккок пичоқчи, шайх Абулфайз Ҳаддод темирчи, ўз замони қутби (замонасининг, ягона авлиёси, валиюллоҳ) ва ғавси (мададкори) ҳисобланган шайх Абул Аббос Омилий ҳаммол, шайх Абулҳасан Нажжор дурадгорлик билан шуғулланган. Уларнинг лақаблари ҳам касбу корини билдириб турибди: харроз — маҳсидўз, саккок — пичоқчи, хаддод — темирчи, нажжор — дурадгор демакдир.
Ҳазрат Баҳоуддин таълимотлари ҳам худди шунга, яъни ўз қўл кучи билан ҳалол луқма топмоқ, кўнгил эса Аллоҳ таоло ёди билан бўлмоққа асосланган. Зеро, Ҳазрат Баҳоуддиннинг: «Дил ба ёру даст ба кор!» яъни, кўнгил ёр (Аллоҳ) ёди билан, қўл эса иш билан банд бўлсин, деган шиори бутун мусулмон оламига маш-хурдир.
Манбаъларда қайд қилинишича, Баҳоуддин Саййид Мир Кулолдан етти йил таълим олган, кейин устоз шогирдга ижозат бериб: «Ҳар қандай ройи ҳаё (хуш бўй) димоғингизга етса, талабда зинҳор тақсир қилманг!», деб тайинлаганлар.
Шундан сўнг Ҳазрат Баҳоуддин Халил Ота ва Қусам Шайхлардан ҳам сабоқ олганлар.

Бир кеча Ҳазрат Баҳоуддин тушларида турк шайхларидан Халил Отани кўрибдилар ва бу туш таъбирини бувиларидан сўрабдилар. Донишманд буви: «Эй фарзанд! Сенга турк машойихидан насиба бўлгай» дебди. Дарҳақиқат, маълум фурсатдан сўнг Ҳазрат Баҳоуддин Халил Отани бозорда учратадилар.
«Мақомат»да ёзилишича, Ҳазрат Баҳоуддин турк шайхларидан яна бири Қусам Шайх билан биринчи маротаба учрашган пайтда, ҳазрат Қусам Шайх қовун еб, пўчоғини Баҳоуддин томон отибдилар. Ҳазрат Баҳоуддин қовун қолдиғини пўчоғи билан бирга тановул қилган. Бу ҳолат икки-уч бор такрорланибди. Бир вақт шайхнинг ходими уч туя ва бир отнинг йўқолгани ҳақидаги хабарни келтиради. Шайх дарҳол: «Мана шу йигитни қаттиқ тутинг!», деб ишорат қилибдилар. Му-ридлар Хожа Баҳоуддинни тутиб, анча қийнабдилар. Баҳоуддин дуолари туфайли шом намозидан сўнг йўқолган уч туя ва от ўз-ўзидан пайдо бўлибди.
Мазкур ривоятдан бир неча хулосага келиш мумкин. Биринчидан, шайх Қусам Баҳоуддиннинг Ҳаққа яқинлигини сезган. Иккинчидан, Баҳоуддин биринчи кунда-ноқ шайхнинг имтиҳонидан ўтган. Учинчидан, ҳазрат Баҳоуддин шайх Қусам хизматига келганда вояга етиб, турли-туман илмлардан хабардор бўлган экан.
«Туҳфат аз-Зоирин» да ёзилганки, Баҳоуддин икки-уч ой Қусам Шайхга ихлос билан хизмат этиб, ул зотдан сабоқ олган. Шайх Қусам ҳазрат Баҳоуддинга: «Менинг тўққиз ўғлим бор, сен эса ўнинчи ўғлим ҳисобланасан, лекин ҳамма фарзандларимдан сен аълороқ », дебди.
Юқорида Баҳоуддин турк шайхларидан Халил Отани тушида кўриб, сўнг Бухоро бозорида учрашганларини эслатган эдик. «Туҳфат азлорин» да бу ҳақда ҳам маълумот бор. Ҳазрат Баҳоуддин Халил Ота билан илк бор бозорда учрашганларида, дарҳол шайхни танийди. Лекин шайх у кишига илтифот этмай ўтиб кетади. Кечаси бир дарвеш келиб, ҳазрат Баҳоуддинни Халил Ота ҳузурига олиб боради. Бир неча вақт ҳазрат Баҳоуддин Халил Ота суҳбатларидан баҳраманд бўлиб, сабоқ олади.
Анча муддатдан сўнг Халил Ота Мовароуннаҳрда султон бўлади. Ҳазрат Баҳоуддин устозга садоқат билан хизмат этади. Халил Ота доим Баҳоуддинга қа-раб: «Ҳар ким Ҳақ таоло ризолиги учун менга хизмат қилса, халқ орасида буюк бўлгай!», дер экан.
Халил Ота султонлик баҳридан кечгандан сўнг, Баҳоуддиннинг ҳам дунёвий ишлардан кўнгиллари совуб, Самарқанддан Бухорога қайтади.
Халил Ота мозори Нахшаб туманидаги Деҳаи Шул-луко мавзеидадир.

Бир ривоятда Ҳазрат Баҳоуддин қўлларидан бир неча йил тупроқ ҳиди аримаганлиги ҳақида хабар берилган. Негаки, ул зоти шариф кечалари кўча-кўйларни кафтлари билан сийпалаб, ўнқир-чўнқирларни текислаб, йўлда ётган хас-хашак, тиканларни териб юрарканлар. Бундан мақсад, йўлдан ўтаётиб бирон намозхон ё сўқир киши тўқиниб йиқилмасин, азият чекмасин экан. Бундай ишларни кечаси қилганлигига сабаб шуки, ҳеч ким кўрмасин. Зеро Аллоҳ йўлида қилинадиган хизматни ёлғиз Аллоҳ билмоғи жоиз. Пайғамбар алайҳиссаломнинг: «Йўлда ётган тикан шохларини олиб ташлаган одамнинг олдингию кейинги гуноҳларини Тангри кечади» деган ҳадисларига мувофиқ Ҳазрат Баҳоуддин ана шу хизматларни бажарган.
Нақл қилинишича, Баҳоуддин Қасри Орифонда қурилаётган масжидда хизмат қилиб, масжид томига тупроқни бошининг устига қўйиб ташиб, қуйидаги байтни замзама қилади:

Ба жон мекунам кори ту, чаро накунам,
Ба сар мекашам бори ту, чаро накашам?!

Мазмуни: Аллоҳ, сенинг хизматингни жоним билан адо қиламан, нега уни адо этмасканман? Сенинг юкингни бошимда кўтараман, нега кўтармас эканман?!
Нақл қилинишича, Баҳоуддин Нақшбанд йўлда кетаётиб, бир итни кўриб қолади ва ит ўтиб кетгандан кейин чўкка тушиб, ит оёқларининг изини ўпиб йиғлайди. Сўфий ана шу итдан сабоқ олиши керак, дейди. Ҳаққа етган мўътабар зот Ҳазрат Баҳоуддин Тангри таоло муҳаббатига ит каби содиқ бўлишни орзу қилганлар.
Навоий «Лисонут-тайр» да ушбу ҳикоятни келтириб, Ҳазрат Баҳоуддин тилидан қуйидагича баён этганлар:

Деди: «Мен ортуқ эканму ё бу ит,
Яна ўзи деди: «Ки эй инсофсиз,
Ул вафо аҳли аёғидин нишон,
Сен вафосизлик сари домон кашон».
Хатм қилди чу маънига сўзин,
Ер ўпиб, ул из уза қўйди кўзин».
Н. Комилов, «Севганимизнинг севгани ҳам севимлидир».

Баҳоуддин жуда кўп шаҳар, мамлакатларда жумладан, Макка, Мадина, Нишопур, Ҳирот, Марв, Самарқанд, Насафда булган. Лекин қаерда бўлмасин ҳамма жойда Қуръони Карим ва Ҳадиси шариф каломларини халққа етказмоқ, бидъатдан эл онгини покиза этмоқ учун саъй-ҳаракат қилган.

Ҳазрат Баҳоуддиннинг халифа (ўринбосар)си Хўжа Муҳаммад Порсонинг ёзишича, ўз пири билан биринчи маротаба муборак ҳаж сафарига чиққанида Марвга борган карвон иккига бўлинади. Бир гуруҳ Машҳад, бошқаси Ҳирот томон йўл олиб, Нишопурда яна қўшилмоқчи бўлишади. Ҳазрат Баҳоуддин Ҳиротга бориб мавлоно Зайниддин Абу Бакр Тайбодий билан учрашмоқни ният қилади, лекин Хожа Порсо эса Машҳадга қараб йўл олади. Хожа Порсо кейин бу ишидан бир умр афсусланиб юрган.
Ҳазрат Баҳоуддин Мавлоно Зайниддин Абу Бакр билан учрашади. Мавлоно ҳазратнинг исми шарифини билганидан сўнг: «Биз учун бир нақше боғланг!» деб илтимос қилади. Ҳазрат Баҳоуддин эса: «Келибмизки, Сиздин нақше элтгайбиз», деб жавоб берган. Мавлоно икки-уч кун ҳамсуҳбат бўлгандан сўнг, Баҳоуддинни ўз уйига элтиб, ҳаж сафарига ижозат берган.

Нақшбандия таълимотича, «нақш банд бир дил банд», яъни кўнглингда Аллоҳ таоло зикрини нақш айла демакдур. Демак, нақшбанднинг маъноси юракда Аллоҳ номини нақш айлаш ҳисобланади.
Ривоят қилинишича, Ҳирот шоҳларидан бири ҳазрат Баҳоуддин шарафига зиёфат уюштирибди. Лекин шоҳ зиёфатига қатнашган Баҳоуддин дастурхондан ҳатто нон ушоғини ҳам олиб оғизига солмабди. Бунинг сабабини шоҳ сўраганда: «Жанобларининг касблари не?», дебди. Шоҳ ҳайрон бўлиб: «Ҳазрат, мен шаҳаншоҳмен! Касбим шу!» деб жавоб берганда, Хожа Баҳоуддин: «Шоҳлик касб эмас. Довуд алайҳиссалом темирчилик қилиб кун кўрган. Сизнинг дастурхонингиздаги ноз-неъматлар пешона тери билан топилганда эди, ҳалол ҳисобланарди. Узр, бизга бу дастурхондан овқат тановвул қилмоқ жоиз эрмас» деб шоҳ зиёфатидан чиқиб кетади.
Дарвоқе, ҳазрат ҳар муридга албатта бир касбни ўрганишни тавсия этар экан.

Ҳазрат Баҳоуддин вафотидан бир кун олдин муридларининг ҳаммаси Хожа Муҳаммад Порсога тобеъ бўлишини васият қилган. 1389 йил Баҳоуддин Бухорои шариф яқинидаги Қасри Орифон (Когон тумани)да вафот этган. Жуда кўп шоирлар ҳазрат вафотига атаб тарих битганлар, лекин энг машҳури мана бу:

«Рафт шоҳи Нақшбандон Хожаи дунёву дин,
Он ки буди шоҳи роҳи дину давлат миллаташ.
Маскану маъвои чун буд Қасри Орифон,
«Қасри ирфон» зин сабаб омад ҳисоби реҳлаташ».

Мазмуни: Дунёда диннинг хожаси шоҳи Нақшбанд (Баҳоуддин) вафот қилди, у дину давлатнинг шоҳи эди. Унинг маскану маъвоси Қасри Орифон бўлган, шу са-баб вафоти тарихи «Қасри ирфон»дан чикади.
«Қасри ирфон»нинг абжад ҳисоби хижрий 791 (1389) йил бўлиб, шу йили Ҳазрат Нақшбандий вафоти қайд этилган.

Баҳоуддин Нақшбанд «Ҳаётнома», «Далелул ошиқин» номли китобларнинг муаллифидир.
Ҳазрат Баҳоуддиннинг биринчи ва етук халифалари Хожа Алоуддин Аттор (Муҳаммад ибн Муҳаммад ал Бухорий) бўлганлар. Баҳоуддин Хожа Алоуддин Атторни маънавий фарзандликка қабул қилган. Хожа Алоуддин Аттор 1400 йил вафот этган, қабри Ҳисори Шодмон (Душанбе шаҳри) вилояти, Чағониён тумани, Деҳинав қишлоғидадир.
Нақл қилинишича, Хожа Алоуддин Аттор вафотидан етти йил олдин Улуғ Хожа (Ҳазрат Баҳоуддин) қабрларини зиёрат қилади. Дарвешлардан бири туш кўрадики, Улуғ Хожа ва Алоуддин Аттор шоҳона бир қаср ёнига борибдилар. Мазкур қаср Муҳаммад алайҳиссаломга тегишли экан. Улуғ Хожа қасрга кириб, бир неча муддатдан сўнг ғоят севиниб чиқибди ва: «Аллоҳ таоло изни билан менга Муҳаммад алайҳиссалом шундай кароматни ато қилдилар: сулукимдаги қай бир муридим менинг қабримдан (хоҳ шарқу хоҳ ғарб, хоҳ жанубу хоҳ шимолда) юз фарсаҳ масофада бўлса, мен унга шафоат этурман» дебди. Алоуддин Атторнинг қабрлари 40 фарсанглик масофада жойлашган, шу сабаб шафоат мартабасига етган экан.

Хожа Муҳаммад Порсо (1419 йил вафот этган) ҳазрат Баҳоуддиннинг иккинчи халифасидир. Бу зоти шарифнинг исмлари Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Ҳофиз ал-Бухорий.

Хожа Алоуддин Ғиждувоний Баҳоуддиннинг учинчи халифаси ҳисобланади. Шайх Сирож Пирмастий, Хожа Абул Қосим Бухорийлар Баҳоуддиннинг асҳобидирлар.

Ҳазрат Баҳоуддиндан сизнинг тариқатингиз қай тартибда, деб сўралганда:

«Аз дарун шав ошнову ваз берун бегонаваш,
Ин чунин зебо равиш кам мебувад анлар жаҳон».

Мазмуни: Ичдан (яъни кўнгил билан) Аллоҳга ошно бўл, лекин ташқаридан бегонадай ўзни тут. Бундай гўзал равиш дунёда жуда кам учрайди, «Анжуманда хилват; зоҳир юзидин халқ билан ва ботин тарафидин Ҳақ Субҳанаху ва Таоло билан» деган байтлар билан жавоб берган.

Ҳазрат Баҳоуддин «ла илаҳа» ўзга маъбуднинг инкори, «иллаллоҳ» Аллоҳнинг борлиги исботи, «Муҳаммадун расулуллоҳ» зса «менинг изимдан юринглар» мақомига кирмоқ деб изоҳлаган.
Ҳазрат Баҳоуддин тариқатлари ботиний, яъни ички оламни баркамол этишга қаратилган.
Тариқатда зикр икки хил: жаҳрия (овоз чиқариб) ва хуфия (ичда - овоз чиқармай) тарзда адо қилиниши қайд этилади. Абдухолик Ғиждувоний ва у кишининг таълимини олган Баҳоуддин Нақшбанд хуфия зикрни тарғиб қилган. Бундай зикрда нафас чиқарганда «ла илоҳа», нафас олаётганда эса «иллаллоҳ» дейилади. Агар шу тарзда зикр қилинса, Аллоҳ номи юракда нақш каби боғланади.

Тариқатда самоъ — мусиқа ёрдамида куйлаб, Аллоҳни зикр этиш йўли ҳам бор. Мавлоно Жалолиддин Румий асос солган мавлавия йўлида зикру самоъ мавжуд. Лекин Абдухолиқ Ғиждувоний самоъни манъ қилиб айтади:

«Эй сўфии соф, ки куни майли самоъ,
Ҳосил зи самоъ, чун нифоқ асту видоъ.
Ё тарки самоъ кун, ки софи гарди,
Ё он ки Ҳаёти дили худ соз видоъ».

Мазмуни: Эй покиза сўфий, сен самоъга майл кўрсатсанг, ундан фақат нифоқ ва низо ҳосилини олажаксан. Ё самоъни тарк қилиб, тўғри йўлни танла, ёхуд ҳаётинг хавф остида қолади, шундан эҳтиёт бўл. (Муаллиф таржимаси)

Баҳоуддин уйларида хизматкор ҳам, қул ҳам бўлмаган. «Қачон бу бандалиг хожалиғ билан рост бўлур» деган жумлаларни у зоти шариф такрорлашни яхши кў-рарди. Дарвоқе, ҳаммамиз Аллоҳ таолонинг қулларимиз, Аллоҳ таоло йўлида хизматдамиз. Қулга қул тутмоқ, хизматкорга хизматкор тутмоқ эса жоиз эмас.

Хожаи Азизон номи билан машҳур бўлган Шайх Хожа Али Рометаний: «Ер бу тоифа кўзида бир суфра (дастурхон) дур» деган, яъни дастурхон устидаги барча нарса, дастурхон атрофидаги бор воқеа кўзга қандай аён кўринса, улуғ шайхлар кўзига бутун ер юзидаги воқеа, нарсалар ҳам худди шундай аён бўлиб туради. Ҳазрат Баҳоуддин эса: «Ер юзи бу тоифа кўзига тирноғ юзичаликдур», деб машойихлар назаридан ердаги бирор воқеа пинҳон бўлиб қолмаслигини билдирган.

Амир Темур, Хожа Исматуллоҳ, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Мирзо Бобур ва Бухоронинг кўп амирлари нақшбандия тариқатига эътиқод қўйганлари, мурид бўлганлари маълумдир.

Мавлоно Жалолиддин Холидийдан кейинги тариқат пирларидан қай бирининг даражаси Ҳазрат Баҳоуддин даражасига яқинлашгани ҳақида сураса, ул зот: «...бу навъ осори валоят (Худога яқинлик) зуҳурики (кўриниши), ҳазрати Хожа (Баҳоуддин)да Тангри таоло иноятидин воқеъ бўлубтур, тариқат машойихига мутааххирлардин (кейингилардин) ҳеч кимга бўлмайдур», деб жавоб берибдилар. Демак, ҳазрат Баҳоуддин шундай бир улуғликка етганларки, кейинги авлиёларнинг бирортасига бу даража муяссар бўлмаган.

Шайх Шабустарий таъкидлайди: «Боргил, сен кўнгил уйингни ораста қил, маъшуқанг келиши учун жой тузат. Қачон сен чиқиб кетсанг (яъни ўзлигингни тарк этсанг), шундан сўнг маъшуқанг у ерга киради ва жамолини сенга сенсиз зоҳир этади» (И. Ҳаққул, «Тасаввуф ва шеърият»). Кўнгил назаргоҳи Ҳақдур. Имом Ғаззолий ёзганларки: «Улуғлик эгаси, буюк Аллоҳ ҳаққи ҳурмати, мен Исо алайҳиссаломга нозил бўлган Инжилда кўрдим: «Мурдани жанозага қўйилган вақтдан то қабр бошига элтгунча Аллоҳ ўз улуғлиги билан қирқ савол сўрайди. Энг биринчи савол, Аллоҳ айтади: «Эй бандам, сен неча йиллар давомида бандалар назари тушадиган жойларни поклаб, тозалаб юрдингу, аммо менинг назарим тушадиган қалбингни ақалли бирон соат ҳам пок тутмадинг. Мен эса умидвор бўлиб, ҳар кун сенинг қалбингга қарайман. Эй бандам, эҳсону карамларимга ўраниб олиб, мендан бошқалар билан нималар қилмадинг. Ҳолбуки, мендан бошқанинг ёди билан нафас олиш ҳам лойиқ иш эмас. Гапир ё бир сўз эшита олмайдиган кармисан?!» (Имом Ғаззолий «Охиратнома»).
Нақшбандийга нисбат бериладиган қуйидаги байт ҳам ғоят ибратли:

«Ки то кай гўри мардоно парасти,
Ба гирди кори мардум гарди расти».

Мазмуни: Улуғ одамларнинг гўрига сиғингунча, уларнинг ишларига (улар айтган гапларга) амал қил, шундан сўнггина мақсадингга етасан.

Нега Баҳоуддинни «балогардон», яъни балони қайтарувчи, деб атайдилар? Жомийнинг «Нафоҳатул-унс» асарида ёзилишича, Бобойи Самосий ўз кулоҳларини Баҳоуддинга берган экан. Аллоҳ шу кулоҳ шарофатидан Баҳоуддинга балогардонлик кароматини ато этгани ҳақида «Мақомот»да ҳам хабар бор.
Агар қалб кўзини очиб, мушоҳада этсак, Баҳоуддин таълимотлари моҳиятидан қуйидаги хулосага келамиз. Ҳазрат таълимотлари Қуръони карим ва Ҳадиси шарифга асосланади. Демак, Қуръони карим ва Ҳадиси шарифдаги кўрсатмаларга риоя қилган одам балога дуч келмайди.
Аниқроғи, Қуръони карим ва Ҳадиси шариф балогардондир.У зот «Менинг таълимотимга эргашинг, амал қилинг, сиздан бало даф бўлур» деганда, шуни назарда тутган. Ҳазрат Баҳоуддин таълимотларини ўрганиб, унга амал қилмоқ фурсати етди.
Аллоҳ тавфиқ берсин, ҳаммамизни илмига амал этувчилар тоифасидан этсин. Омин!
 
ТАРИҚАТ НИМА?

(Тариқат илдизларига бир назар)

Ҳозир дунёнинг барча минтақаларидаги турли ирқу миллат вакиллари Боязид Бастомий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Хожа Али Рометаний, Муҳаммад Бобойи Самосий, Саййид Мир Кулол ва шайх Нақшбанд Муҳаммад Баҳоуддин Увайсий ал-Бухорий тариқатларини, яъни нақшбандия тариқатининг усул ва одобларини ўрганишмоқда. Олмону фаранг, инглизу япон, ўрису латиш, турку тожик ва бошқа миллат вакиллари мазкур тариқатга мурид бўлганликлари билан фахрланадилар ҳамда улуғ сўфийларнинг йўлидан бормоқликни ўзлари учун ифтихор деб биладилар. Бунга сабаб нима? Маълумки, шариат, тариқат, ҳақиқат инсонни қамолотга етказувчи мақомлардир. Шариат ҳукмлари Аллоҳ томонидан фарз, пайғамбар алайҳиссаломдан суннат қилиб берилгаи. Бу ҳукмларни бажариш ҳар бир мусулмонга шартдир. Зеро:

“Шариатга кишиким бўлса мункир,
Гумон йўқтур, бўлур албатта, кофир”.

Шариат ҳукмларига тўла-тўкис амал қилмаган одам тариқатни мутлақо тушунмайди.

«Шариат айтадур, ўлдир илонни.
Тариқат айтадур, оғритма жонни».

Мазкур байт шариат билан тариқат орасидаги фарқни маълум маънода кўрсатиб туради.Тариқатга ўтиш учун эса шариат биринчи зинапоя ҳисобланади. Ривоятларда келишича, тариқат сулукига кирувчилар мингтадан биттадир.
 Жомийнинг «Нафоҳатул-унс мин ҳазарот ал-қудс» асарида ўз фариштасини кўрган пир ҳақида хабар берилган. Пир: «Фариштани кўрмоқ учун одам не қилмоғи керак?», деб сўраганда, фаришта: «Хеч бир жониворга озор бермайдиган киши фариштани кўриши мумкин» деб жавоб беради. Кунлардан бир кун ҳалиги пирни чумоли чақибди, ул зот чумолини олиб ташлаётганида ноҳасдан ўлдириб қўйибди ва ўша кундан эътиборан пир ўз фаришталарини қайта кўра олмабди.
Уламолар буларни қуйидагича қиёс қилганлар: шариат ёнғоқнинг пўчоғи бўлса, тариқат пўчоқ ичидаги пўстлоқдир, ҳақиқат эса пўстлоқ ичидаги мағиз. Дарҳақиқат, пўчоқсиз ва пўстлоқсиз майиз ҳосил бўлмас, яъни Аллоҳ ҳукми-шариат ҳукмларига амал қилибгина икки дунё саодатига эришилади. Демак, тўла маънодаги маънавий етукликка эришмоқ, Аллоҳ маърифатини ҳар томонлама ўрганиб, янада баркамол бир даражага етмоқ учун уламолар тариқат йўлига кирадилар.
Шариат — ер, тариқат мазкур ерда унган дарахт, ҳақиқат эса шу дарахтнинг мевасидир, деб таъриф берган машойихлар. Лекин шариат заминида унмаган да-рахтнинг меваси заҳардир. Сўфи Оллоёр айтадики:

“Шариат ҳукмидин ташқи риёзат
Эмас тоат, қабоҳатдур, қабоҳат.
Амал қилмоқ учун кирсанг бу йўлга
Керакдур шамъи илм албатта қўлга...
Кўзунг гар бўлмаса, эй ақли ҳушёр,
Асокашсиз қадам ҳеч қўйма зинҳор”.

Тариқат арабча сўз бўлиб, «усул», «йўл», «маслак», «сўфийлик йули» маъноларини англатади. Тариқат аҳли сўфийлардир.
Шайх Воиз Кошифийнинг «Футувватномаи султония» асарида ёзилишича, тариқат маъноси «рост, тўғри йўл»дир. Тариқат аҳли, яъни сўфийлар эса уч нарсада: дам, қадам, карамда ўзгаларга ибрат бўлишлари лозим. Яъни кераксиз—ўринсиз гаплардан тийилмоқ — дам, беҳуда ишларга қадам қўймаслик — қадам, фойдали ишлар, яъни охиратга фойдаси тегадиган ишларни қилиш — карам ҳисобланади.
Кошифий айтадики, шариат, тариқат, ҳақиқат узвий боғланган. Шариат ҳукмлари аниқ, равшан берилган ва уни ҳурматлаш лозим, у ҳукмларга ҳамма амал этмоғи даркор. Тариқатни эса қидирмоққа тўғри келади, бу иш саъй-ҳаракат билан, риёзат чекиш билан ҳосил бўлади. Тариқатда баён бор, бу йўлда хизмат қилмоқ керак. Ҳақиқат эса мингтадан биттага насиб этади; унда Ҳақ қудратини кўрасан, у сенга аён бўлади. Бунга улуғ ҳиммат билан эришиш мумкин. Яна таъкидлайдики: «Агар пурсанд, ки самараи ҳар яке чист, бигўй, самараи шариат вафост ба аҳд, самараи тариқат — фаност, яъни аз ботил буридан ва ба кори Ҳақ пайвастан аст». Мазмуни: агар сўрасаларки, улар (шариат, тарикат, ҳақиқат)нинг самараси не? Жавоб бергилки, шариат самараси аҳдга вафодир, яъни исломнииг беш арконига риоя этмоқ, тил билан дил гапининг бир бўлиши. Тариқат — фано, яъни ўздан кечиш, ҳақиқат — бақо, яъни ботил (бузилган, беҳуда) ишлардан кечиб, ҳақ ишларга боғланмоқ.
Азизиддин Насафийнинг «Мақеадул асқо» асарида ёзилишича, Муҳаммад алайҳиссаломнинг хосу ом, яъни ҳамма амал қилиши лозим бўлган ишларни буюрганлари шариатдир. Тариқат эса пайғамбар алайҳиссаломнинг иш - фаолиятлари ҳисобланади. Ҳақиқат—пайғамбар алайҳиссаломнинг Аллоҳ таолонинг қудрати ила бунёд этилган нарсаларни кўрганларидир.
Демак, шариат — пайғамбар алайҳиссаломнинг буюрганлари, тариқат — ул зотнинг қилган ишлари, ҳақиқат — ботин кўзи билан кўрганлари.
Шариат — қонун, тариқат — йўл. Қонун вужуд ва қалбни тарбиялайди, йўл кўнгилни поклаб, руҳни нурлантиради. (В. А. Жуковский «Человек и познание у персидских мистиков». С-Петербург, 1895, стр. 18.)
Абубакр ибн Тоҳир ал Абҳарийдан ҳақиқат не, деб сўралганда: «Ҳақиқатнинг бари илмдур» «Илм не?» дейилганда: «Илм ҳақиқатдур», деб жавоб берган.
Тариқат йўлининг поёни борми?
Сўфи Оллоёр:

«Бу йўлни ҳеч поёни йўқтур,
Агар етдим десанг имкони йўқтур»

деганида ҳақ эди.
Тариқатдаги дастлабки мақом ТАВБА; иккинчиси ВАРРАЪ — тақво, парҳезкорлик; учинчиси — ФАҚВ — дунё ноз-неъматларидан кечиш; моддий муҳтожликни енгиб, маънавий бойиш, руҳни бойитиш. Тўртинчиси САБР — не ранж келса, сабр қилмоқ; бешинчиси — ТАВАККУЛ; олтинчиси эса РИЗО.
Абдураҳмон Жомий «Баҳористон»да ёзади: «Шайх Абу Саид Абулхайрдан: «Тасаввуф недур?» деб сўрадилар.
У: «Бошингдаги ҳамма нарсаларни чиқариб ташлаш, кафтингдаги бор нарсани бериш, ўзгалардаи сенга не ранжу кулфат етса, барига чидаш — тасаввуфдир, деб жавоб берган».
Тасаввуф сўзини Кошифий ҳарфма ҳарф шарҳлаган: «Т» — тажрид, яъни ортиқча нарсалардан холи қолиш, беҳуда ишлардан четлашиш; «С» — сидқу сафо; «В» — вафо; «Ф» — фано маъноларини англатади.
«Тасаввуф икки ишдир», дейди Имом Ғаззолий « бири Аллоҳ буюргандек тўғри юрмоқ, тўғри турмоқ (яъни Аллоҳ фарз қилган барча амалларга риоя этмоқ). Иккинчиси ношаръий ишларда бошқалардан ажралмоқ. Кимки, Аллоҳ буюрганини тўлиқ адо этса, юриш-туриши, хулқи, одамлар билан муомаласи юмшоқ ва чи-ройли бўлса, ўша зотни ҳақиқий сўфий дейиш мумкин».
Тасаввуф нима, деган саволга Шайх Нурий шундай жавоб беради: «Тасаввуф нафс лаззатларидан воз кечишдир». Шайх Сафий Алимшоҳ эса: «Тасаввуф — нафс манзилларини босиб ўтишдир»деган. Шайх Равим: «Тасаввуф Худо йўлида нафсдан кечмоқдир».
Атоқли сўфий шоир Бобо Тоҳир бу маънони янада аниқроқ қилиб баён этган: «Тасаввуф ўлими йўқ ҳаёт ва ҳаёти бўлмаган ўлимдир, яъни нафсоний — ҳайвоний ҳаётда ўлмоқ ва инсоний ҳаётда яшамоқ». (Али Даштий, «Сўфийлик нима...» Асқар Маҳкам таржимаси.)
Абу Ҳомид Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Ғаззолий ёзганларки, сўфийликнинг боши — жондан кечмоқлик (жонфидолик), бас, жондан кечгил!
Зуннун Мисрий шогирдларидан бирига айтганлар: «Агар жонингдан кечишга қудрату тоқатинг етса, бу йўлга кир, етмаса, сўфийлик билан машғул бўлма!»
Абулҳусайн Нурий айтади: «Тасаввуф на русумдур ва на улум (илмлар), лекин эҳтиёждир. Агар расм бўлганда эди, мужоҳида (ҳаракат) билан қўлга киритмоқ мумкин эди, агар илм бўлганда эди, таълим билан ҳосил қилинарди. Худо мулкига на русум ва на илм билан кириб бўлади».
«Содиқ сўфий улки, фақр ҳолатида бўлгай, ўзига тўқ ҳолатида ўзгаларни устун санагай». (Н. Комилов, «Тасаввуф ва бадиий ижод», «Ёшлик», 8-сон, 1991 йил.)
Демак, тасаввуф ҳам ладуний илм ҳисобланар экан. Бу илмни таълим бериш билан ёки зоҳирий расм-русумларини ўрганиш билан эгаллаб бўлмайди.
Аллоҳ хоҳлаган кишиларгина бу илмдан насиба олиши мумкин. Шунинг учун Абулҳусайн Нурий тасаввуфни на русум, на илм, балки эҳтиёждир, деб таърифлаган. Кошифий сўфий сўзини талқин қилиб айтади: «С» — кўнгил хилватхонасини ғайр (бегона) хаёлидан тозалаб, ёлғиз дўст (Аллоҳ) хаёли, ёди билан бўлиш. «У» («Вов») —сирни шу қадар маҳкам тутмоқ керакки, шайтон ўғирлай олмасин. Бу мартабага ихлос билан етишмоқ мумкин. Яъни:

Ҳар ки ба ихлос қадам мезанад,
Исий вақт аст, ки дам мезанад.

Мазмуни: Ҳар ким ихлос ила бу йўлга қадам қўйса, билки, ўша киши нафаси ҳаёт бахш этувчи Исодур.
«Ф»—файз олмоқ ва файз бермоққа ишорадур, яъни ўзидан юқоридагилар (пирлар)дан файзиёб бўлиб, ўзидан қуйидагиларга файз бериш.
«И» — яқин (жазм) дир.
«Сўфий» сўзининг келиб чиқиши ҳақида турли фикрлар мавжуд:«Суф» — «сафо» дан, яъни поклик, тозаликдан олинган. Бишрул Хофий: «Қалби пок кишиларни сўфий деб айтамиз» деган.
Яна «сўфий» — «сафф» (сафда туриш) дан олинган бўлиб, сўфийлар Худога яқин тургувчилар, шу сабаб Унинг наздида биринчи қатор, биринчи сафда бўладилар, дейилган.
«Суф» — «суфа» (супа), яъни Муҳаммад алайҳиссалом даврларида Мадинадаги масжидларининг шимолида катта бир супа бўлиб, унда ҳар тарафдан келган Ислом динига эътиқод қўйган кишилар яшаган. Улар пайғамбар алайҳиссаломнинг олдиларида катта эътибор қозониб, муттасил ибодат билан машғул бўлганлар. Улар ҳар хил ноз-неъматлардан воз кечиб, қовурилган арпадан тайёрланган талқон истеъмол қилишган. Баъзилар, «сўфий» сўзи мана шу «аҳли суфа» дан олинган, дейишади.
Туя сўзи ҳам арабчада «сўф» дейилади. Сўфийлар туя юнгидан тайёрланган дағал кийим кийишган. Ҳасан Басрийнинг айтишича, пайғамбар алайҳиссалом билан Бадр жангида иштирок қилган етмиш саҳобанинг ҳаммасида сўфдан кийим бўлган. Саҳоба Абу Муса Ашъарийнинг хабар беришича, пайғамбар алайҳиссалом ҳам кўпинча сўфдан тикилган кийим кийиб юрарканлар.
«Сўфий» сўзи мана шу «сўф», яъни туя юнгидан олинган деган фикр бор.
Арабчада ғашлик, хиралиқ ва ҳар қандай ёмонликдан тоза деган маънони «суфвот» сўзи англатади. Сўфийлар ҳар қандай ғашлик, шубҳадан холи, шу сабаб, «сўфий» сўзи «суфвот» дан олинган, деган фикр ҳам мавжуд.
Шундай қилиб, сўфий ёки тасаввуфнинг қандай асосда шу ном билан аталиши ҳақида мингдан ортиқ таъриф кўрсатилган. (М. Зокиров, «Тасаввуф таъли-моти ҳақида», Ш. Ю. 7-сон, 1990 йил.)
Тариқатга майл кўрсатган киши албатта пирга, яьни шайхга мурид бўлиши керак. Мурид — талаб этувчи, эргашувчи, демак. Пирга қўл берган киши мурид ҳисобланади. Қўл бериш анъанаси ҳам пайғамбар алайҳиссаломдан бошланган.
Имом Ғаззолийнинг таъкидлашича, шайхликнинг шарти — у тарбия беришга муносиб, Расулуллоҳ вожиб қилган йўлга кирган ва олим бўлиши шарт. Негаки, ҳар қандай олим ҳам шайхликка ярамайди. Шайх аввало моддий бойлик орттиришдан юз ўгириб, мансаб, мартаба, ҳою ҳавасдан воз кечган ва Расулуллоҳ силсилаларига тобеъ бўлиши керак. Ва кам еб, кам ичиб, кўп намоз ўқиб, кўп тоат-ибодат қиладиган, садақалар бериб, рўза тутиб, нафсини риёзат ила ўлдирган киши бўлиши шарт. Мурид эса сабру тоқатли, қаноатли, ростгўй, Аллоҳга шукрона этувчи, Аллоҳга таваккал қилувчи, вафодор, доимо сахий, самимий, ҳилм (юмшоқ табиат)ли, тавозеъ (камтарин)ли, илмсевар киши бўлиши керак.
Аниқроқ қилиб айтганда, сўфийлар мусулмонлар ичида қалб софлиги учун фидойи, тоат-ибодат, тақводорликка кўпроқ эътибор берганлиги билан ҳурматга сазовор бўлади. (Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф)
«Мақомоти Шоҳи Нақшбанд»да ёзилишича, ҳазрат Баҳоуддин Саййид Мир Кулолдан, Мир Кулол Бобойи Самосийдан, Самосий Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавийдан, Фағнавий Хожа Ориф Ревгарийдан, Ревгарий Хожа Абдухолиқ Ғиждувонийдан таълим олганлар. Ҳожа Абдухолиқ Ғиждувоний Юсуф Ҳамадонийдан, ул зот шайх Абу Али Фармадийдан, ул зот эса шайх Абул Қосим Гуртонийдан, Гургоний Абулҳасан Харақонийдан, Ҳарақоний Боязид Бастомийдан сабоқ олган. Боязид Бастомийнинг пирлари Имом Жаъфар Содиқдир.
Имом Жаъфар Содиқ силсилаи шарифда икки йўл билан боғланган. Бирида Имом Жаъфар ўз падари бузрукворлари Ҳазрат Имом Муҳаммаддан, Имом Муҳам-мад оталари Имом Зайнулобидиндан, Зайнулобидин оталари Имом Ҳусайндан, Имом Ҳусайн оталари Али разияллоҳу анҳудан, Али эса Муҳаммад алайҳиссалом-дан таълим олганлари қайд қилинган. Мазкур занжир ҳалқалари нафақат оилавий йўл билан, балки тариқат таълими билан ҳам пайғамбар алайҳиссаломга туташган-дир.
Иккинчисида эса Имом Жаъфар Содиқ тариқат тарбиясини ҳазрат Қосим бин Муҳаммад бин Абу Бакр Сиддиқдан олган. Ҳазрат Қосим Имом Жаъфарнинг ба-болари (она томонидан) ҳисобланади. Ҳазрат Қосим Салмони Форсийдан, Салмони Форсий Абу Бакр Сиддиқдан, Абу Бакр Сиддиқ Сарвари коинот Муҳаммад Мустафо саллоллоҳу алайҳи вассалламдан тариқат сирларини ўрганиб, қўл олгани маълум.
Тариқат шайхлари Қуръони карим таълимоти, пайғамбар алайҳиссалом ҳадисларини ёйиш, эҳёу сунна, яъни пайғамбар суннатларини қайта тирилтириш, уларга амал қилиш, шунингдек, хурофот ва бидъатга қарши курашмоқни ўзларининг асосий мақсаду вазифалари деб билганлар.
Маълумки, қудрат эгаси ёлғиз Аллоҳ таолодир. Пайғамбарларга эса Аллоҳ томонидан мўъжиза кўрсатиш изни берилган. Аллоҳ авлиёларга, яъни тариқат пирларига каромат ато этган. «Силсилаи шариф»даги авлиёлар каромат соҳиби бўлганлар.
«Силсилаи шариф» даги олтинчи ҳалқа пири ҳисобланган Боязид Бастомий (вафоти 883 йил) 113 пирнинг хизматини қилиб, улардан файз олган. Лекин ул зоти шарифдан сизнинг пирингиз кимдур, деб сўралганда: «Бир пиразан (кампир) дурким, бир куни тавҳид (Аллоҳнинг яккалигини таниш. Тасаввуф таълимотида — Ҳақиқатга, Ҳаққа етиш.) сўнгги олий мақомнинг ишорати ғолиблигидин саҳрога чиқиб эрдим. Ўзумда қилча ихтиёр йўқ эрди. Бир пиразан учради. Бир халтада ун кўтарибдур. Манга дедиким: «Келгил, бу халтадаги унимни уйимга еткаруб бергил». Ва мени (қопни) кўтармоққа чоғим йўқ эрди. Бир шерни ишорат бирлан келтуриб, унни шерга юклаб бердим.
Пиразанга дедимки: «Шаҳарга борсанг, кимни кўрдум дерсан?»
Пиразан деди: «Бир золим ва раъно (такаббур) ни кўрдум, дерман».
Мен дедим: «Нечун мундоғ дерсан?»
Пиразан деди: «Худои таоло шерни банданинг хизматига таклиф килмабдур. Не учун сен ани хизматга таклиф қиласен? Бу зулм бўлмайдиму?»
Мен дедим: «Ори, бу зулмдур. Ва раъно (такаббур) на учун дерсан?»
Пиразан деди: «Анинг учунким, сенинг хоҳишинг улки, шаҳар халқи билгайларким, шер санга мутеъ, фармонбардор бўлубдур. Соҳибкароматсен. Бу такаббурлиғ эмасму?»
Дедим: «Ори андоғдур, тавба қилдим ва баланддин пастга тушдим. Ушбу (кампир) манга пирдур». («Сирли олам»,9-сон, 1991 йил.)
Боязид айтади: «Илон пўст ташлаган каби мен ҳам ўзимни тарк қилдим. Бир маҳал ўз моҳиятимга боқсам... оҳ, мен Унга айланибман!»
Бу ҳолатни Боязид фано деб атаганлар, кейинчалик кўплаб сўфийлар уни тариқатдан мақсад деб эътироф қилишган. Мутаассиб руҳонийлар Боязиднинг сўзларида илоҳийлик даъвосини кўриб, уни кофир деб аташган ва шаҳардан қувғин қилишган. Аммо сўфийлар учун Боязид Бастомий «Султон ул орифин», «Бурҳон ул муҳаққиқин» унвонига сазовор бўлган. (Р. Фиш, «Жалолиддин Румий», Т., Ғ. Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1986 йил.)
 Алишер Навоий «Насоимул муҳаббат»да ёзади: «Боязид Бастомий — аввалки, табақадандур. Оти Тайфур бинни Исо Аҳмад Хизравия... Анга бир вилоят эшиги очилдики, анда мазҳаб паддор бўлмади (яъни у шундай улуғ даражага кўтарилдики, барча мазҳаблар пастда қолди). Боязид намоз қилса, кўксининг сўнгакларидан қалқала чиқар эрди. Тангри Таоло қўрқинчидин ва шариат таъзимидин Боязид назъ вақти (ўлиш вақти) дедиким, Илоҳим, мен сени ёлғиз ғафлат билан зикр қилдим, мен сенга ёлғиз ялқовлик билан хизмат қилдим. Бу сўзни деди ва борди (яъни жон таслим қилди). Боязиднинг шогирди Абу Мусо дедиким, Боязид Аллоҳ таолони туш кўрдум,деди. Сўрдумки, бор Худоё, йўл санга не навъдур? Дедиким, ўзунгдин ўттинг еттинг. Они ўтгандан сўнг (ўлгандан кейин) туш кўрдилар, ҳолин сўрдилар, (Боязид) дедиким: Мендин сўрадиларки, эй қари, не келтурубсан? Дедим, дарвиш подшоҳ эшигига келса, андин сўрамагайларки, не келтурубсен? Сўрагайларки, не керак?»
Тариқатда жуда кўп ихтилофлар бор. Бунинг учун тариқат айбдорми, ё уни шарҳлаганларми? Қуйида Жалолиддин Румий билан Шамсиддин Табризийнинг ораларида бўлиб ўтган савол-жавоб келтирилади. Мазкур савол-жавобдан маълум бўладики, тариқатни тушунтиришда, уни шарҳлашда кўпгина шахслар ихти-лофларга боришган экан. Румий билан Табризий ораларидаги бу савол-жавоб мелодий 1244 йилнинг 26 ноябрида бўлиб ўтган:
«Табризий сўради: «Эй, икки дунё маънию моҳиятининг саррофи. Айтгил, ким устун — Муҳаммад алайҳиссаломми ёки Боязид Бастомийми?»
Жалолиддин жавоб берди: «Бу не сафсата? Албатта, Муҳаммад алайҳиссалом устун!»
«Дуруст,—деди Шамсиддин.—Нега унда Муҳаммад алайҳиссалом: «Юрагимни занг босиб, Эгамнинг олдида ҳар куни етмиш карра тавба қиламен», деди-ю, Боязид эса: «Мен ўзимдаги ҳар нечук қусурлардан халос бўлдим. Жисмимда Худодан бўлак ҳеч нарса қолмади. Улуғмен, улуғмен, шон-шухратга тўлуқмен!», деб бонг урди?»
«Муҳаммад алайҳиссалом ҳар куни етмиш мақом босиб ўтарди - деб жавоб берди Жалолиддин. - Ва ҳар гал янги пояга етиб, аввалги пояда эришган билимла- рининг қосирлиги учун тавба-тазарру этарди. Боязид эса фақат биргина пояга етиб, ўшанинг мартабасидан боши айланиб, жазава ичра ўшандоқ сўзларни айтмиш». (Р. Фиш, «Жалолиддин Румий»)
Бизга тариқатни таркидунёчилик деб тушунтиришар эди. Сўфийликдан мақсад нима? Дарҳақиқат, дунёдан буткул кечишми? Хўш, шундай бўлса, нега Боязид Бас- томий: «Қирқ йил кўнглимни соқладим, қаролдим эрса мушриклик (бутпарастлик, кўпхудолик) зуннорини белимда кўрдим. Мушрик улдурки, Ҳудодин ўзгага илти- фот ва мойил қилмаса ва кўнгилким, Худодин бўлакка майл этмаса мушрик улдур. Ва кўнгилким, Худодин бўлакка мойил бўлса, мушрик бўлмас. («Сирли олам»,* 8-сон, 1991 йил.)
Бу ривоятдан маълум бўляптики, Боязид қирқ йил кўнглини одамларга меҳр қўймоқ, уларга илтифот этмоқдан сақлабди. Қалби ёлғиз Аллоҳ билан банд бўлибди. Кўзларини очиб ўз ҳолларига қараса, белида мушриклик, яъни бутпарастлик зуннорини кўрибди. Шундан сўнг Боязид қуйидаги хулосага келибди, ким Аллоҳ Таолога ва У яратган бандаларга мойил бўлса, кўнгил қўйса, мушрик бўлмас. Балки фақат Худога мойил бўлиб, бутун дунёни унутган, Аллоҳ бандаларидан узилган киши мушрик-дир.
Мазкур ривоятни қандай тушунса бўлади? Ахир, биз кечаги кунгача, ислом таркидунёчиликни тарғиб қилади, дунё ноз-неъматларидан буткул кечишга ундайди, одамларга меҳр қўймаслик, гўшанишинликка чорлайди, демаганмидик? Шу ақидалардан келиб чиқиб, ислом ва унинг заминида униб чиққан тариқат тараққиётга зиддир, деган хулоса чиқармаганмидик? Ваҳоланки, Муҳаммад алайҳиссаломнинг «Ман лам яшкуранноси лам яшкураллоҳи таоло», яъни «Кимки одамларга нисбатан ношукур бўлса, Тангрига нисбатан ношукур бўлур» ёхуд «Афзал ал-аъмоли баъд ал иймону биллоҳи атто-ваддуд аннос», яъни Тангрига иймон келтиргандан кейинги амалларнинг афзали — бу одамлар билан дўст-лашишдир» деган ҳадиси шарифлари юқоридаги гапларнинг исломга тамомила туҳмат эканлигини исбот этмоқда. Уз навбатида бу ҳадислар Боязид ҳақидаги ривоят мағзини тушунмоққа кўмаклашади.
Қуръони каримнинг «Бақара» сурасида: «...Одамлар орасида шундайлар ҳам бор, улар: «Худоё, бизга фақат шу дунёда бергин», дейди. Ваҳоланки, ундайлар учун охиратда ҳеч қандай насиба бўлмас. Яна улар орасида шундай кишилар ҳам бор, улар: «Парвардигоро, бизга бу дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшилик ато қилгин ва жаҳаннам азобидан бизни ўзинг асра», (Бақара сураси,200—201-оятлар.А.Мансур маънолар таржимаси.) деган оятлари дарж қилинган. Демак, мусулмонлар иккала дунёдан умидвор.
«Икки киши бир кишидан, уч киши икки кишидан, тўрт киши уч кишидан яхши, кўпчилик билан бирга бўлинглар. Тангри умматларини фақат тўғри йўлга бирлаштиради» ёхуд «Сизларнинг яхшиларингиз — дунё ишини деб охиратни, охиратни деб дунё ишини тарк қилмайдиган ва бошқаларга малол туширмайдиганларингиздир» деган ҳадиси шарифлардан маълум бўляптики, ислом бир-бирига нисбатан меҳру мурувват, раҳму шафқатни тарғиб қиларкан.
Аллоҳ таоло инсонга ўнта сезги берган. Шундан биттаси таъм билишдир. Овқатнинг лаззатини шу сезги орқали ҳис қиламиз. Демак, бу сезги ҳам бекорга берилмаган. Балки дунё неъматларидан баҳраманд бўлишимиз учун Аллоҳ таоло бизга марҳамат этиб, ўз қудрати ила мазкур сезгиларни ато қилган.
Бир неча ўн йиллаб Аллоҳни унутмоқни таргиб қилдилар. Аллоҳ ўрнида «табиат» сўзи ишлатиладиган бўлди. Йўқдан бор қилувчи қудрат йўқ, дейилди. Шариат - зулм, тариқат—сафсата, ҳақиқат—афсона деб мияларга қуйилди. Натижада, одам маймундан, аниқроғи, ҳайвондан тарқалган деб ўзининг маймунлигини исбот этмоққа бир умр уриниб ўтганлар бўлди.
Дарвоқе:

Аллоҳини унутган отасин унутмасми?
Маймуидан тарқалганман, деб ёқасидан тутмасми?
Алар аждарҳо каби бу дунёни ютмасми?
Отам маймун, деб сурон этганлардан алҳазар.
Худодан қўрқмаганлар бандадан қўрқиб юрар,
Эшагу кучук каби бир-биридан ҳуркиб юрар.
Бандага сиғинару тиззини букиб юрар,
Онам маймун, деб сурон этганлардан алҳазар!
Алҳамдулиллоҳ, Одам Атонинг фарзандимиз,
Алҳамдулиллоҳ, Момо Ҳавонинг фарзандимиз.
Муҳаммад Расулуллоҳ уммати, дилбандимиз,
Аслим маймун, деб сурон этганлардан алҳазар!

Демак, нақшбандия гаълимоти ўз-ўзидан ёхуд йўқ жойдан пайдо бўлмаган экан.
Нақшбандия тариқатида Абдухолиқ Ғиждувоний хуфия зикрни талқин қилганлари ҳақида юқорида хабар берган эдик. Дарҳақиқат, пайғамбар алайҳиссаломнинг «Ўнг қўл билан берган хайрингизни чап қўл сезмасин, шунингдек: «Хуфиёна қилинган садақа Тангрининг ғазабини сўндиради», деган ҳадислари бор. Мазкур ҳадислар хуфиёна зикрга ишорадур.
Али Сафий «Рашаҳоту айнул ҳаёт» («Оби ҳаёт том-чилари») асарида Абдухолиқ Ғиждувонийнинг ўз шо-гирд ва маслакдошларига қолдириб кетган сабоқ-рашҳа (томчи) ларидан қуйидаги намуналарни ёзади:
1. «Хуш дар дам». 2. «Назар бар қадам». 3. «Сафар дар ватан». 4. «Хилват дар анжуман». 5. «Ёдкард». 6. «Бозгашт». 7. «Нигоҳдошт». 8. «Ёддошт».
Абдуҳолиқ Ғиждувонийнинг саккиз рашҳа — ахлоқий талабларига Баҳоуддин Нақшбанд учта қўшганлар: 1. Вуқуфи замоний, яъни солик доимо ўз вақтини сарҳисоб қилиб туриши лозим. Умрининг қай қисми яхшиликка, қай қисми ёмонликка, қай қисми эса беҳудага сарфланяпти, шуларни билиши лозим. 2. Вуқуфи ададий, яъни солик ҳамиша зикр пайти ададга риоя этиши даркор. Зокир зикр вақти ададга риоя этса, у ўз хаёлини бошқа нарсалардан сақлай олади. 3. Вуқуфи қалбий, яъни солик доимо Аллоҳ таолони зикр этиб туриши даркор, зокир қалби ҳамиша Аллоҳдан огоҳ бўлиши керак.
Нақшбандия тариқати усул ва одоби эса уч қисмдан иборат: «Робитаи мавт» — ўлим билан боғланиш, «Робитаи муршид» — пир билан боғланиш, «Зикр» — зикр этиш машғулоти.
Солик (киши) биринчи қисмида ўз ўлимини кўз олдига келтиради. Гўрдаги савол-жавоб тасаввур қилинади. Ҳар куни ўлимини, гўрдаги савол-жавобни эслайдиган одам «Зарра тош миқдоричалик яхшиликнинг мукофоти, зарра тош миқдоричалик ёмонликнинг жазоси бор»лиги ҳақидаги оятни унутармиди?
Муҳаммад алайҳиссалом «Қиёмат сўроғидан олдин ўз-ўзингизга ҳисоб бериб туринглар. Аллоҳ қиёмат тарозисига қўймасидан олдин ўз амалларингизни ўлчаб кўринг», деган ҳадислари «Робитаи мавт» (ўлим)нинг пайдо бўлишига асос ҳисобланади.
Атоқли олим, ёзувчи Р. А. Моудининг «Ҳаётдан кейинги ҳаёт ҳақида мушоҳадалар»ида ёзилган: «Одам жон берар экан, тубсиз чоҳга тушиб кетаётгандек бўлади, кейин бирдан ўзини қушдек енгил сезади ва ҳатто танасини четдан туриб кўра олади.
Орадан бир оз вақт ўтгач, у ўзининг ажабтовур ҳолатига аста-секин кўника бошлайди ва кейин қаршисида ҳеч қачон учратмаган, нурдан яралган хушфеъл бир руҳ пайдо бўлади. Бу мавжудот сўзламасдан туриб, одам қандай қандай ҳаёт кечирганини сўрайди ва айни чоғда унинг ҳаётидаги энг муҳим воқеаларни бир зумда кўз олдига намоён этади». («Сирли олам» 3—4-сон; 1992 йил.)
«Робитаи муршид»да киши пирлар руҳи билан юзма-юз туради ва улар юрагидаги илоҳий файздан баҳраманд бўлади. Одатда, Муҳаммад алайҳиссалом ва Холид Бағдодий руҳлари муридга рўбарў бўлар эмиш.
Машғулотнинг «Зикр» қисмида «Астағфируллоҳ» «Ла илаҳа иллаллоҳ», «Аллоҳ», «Салавоти шариф», «Сураи Ихлос» юз мартадан зикр қилиниши керак. Чунки «Кимки ўз роббиси зикридан юз ўгирса, уни (Аллоҳ) қийин азобга солади». («Жин» сураси, 17-оят. Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф таржимаси.) Бундан ташқар ишроқ, зуҳо, таҳажжуд ва бошқа нафл намозлари ўқилади, нафл рўзалари ҳам тутилади.
Дарҳақиқат, инсоннинг ҳақиқатга эришуви ҳис-туйғуларнинг туғён уриши, авжга миниши ҳолатига нисбат берилиб, бу мастлик ҳолатига ўхшатилади. (Ғайбулла Саломов). Албатта, бу мастлик майдан эмас Аллоҳ зикридан, Аллоҳ ишқидандир. Шу сабаб сўфийлар қўллаган «қадаҳ» сўзи ошиқ юраги маъносини, «май» эса Аллоҳ ишқини англатар экан.
Шоҳ Қосим Анвар деганларки:

«Шариат ибтидо омад дар аввал,
Вале онжо нашояд шуд муаттал.
Доим манзил тариқи соликон аст,
Тариқи водии шакку гумон аст.
Ҳақиқат мунтаҳои кор бошад,
Ки он жо сад ҳазор асрор бошад».

Мазмуни: Шариат йўлнинг бошланиши ҳисобланади, шу сабаб бу мақомда турилмайди. Иккинчи мақом тариқатдир, бу ерда гумону шак-шубҳалар бўлиши мумкин. Ҳақиқат эса охирги мақомдир, бу ерда минглаб сиру асрор бор.
Пайғамбар алайҳиссаломнинг: «Тангри сизларнинг ташқи кўринишингиз ёки молу давлатингизга эмас, балки дилларингизга ва ишларингизга қараб баҳо бера-ди», деган ҳадисларига мувофиқ нақшбандия тариқати юракларни покизалашга, одамзотни камолот чўққисига чиқаришга қаратилгандир.
Ҳозир Ғарбу Шарқда тариқатни ўрганиш, унга амал қилиш ривожланмоқда. Нақшбандия тариқати муридларининг сони кундан-кунга ортмоқда. Биз эса тариқат, майли-ку, ҳатто шариатдан ҳам узоқлашдик. Аллоҳ гуноҳларимизни кечирсин. Чунки:

Қолиб Румий, Навоий, Ҳаллож,
Ўрганмасдан Бедилни
Сингдирибман онгга, ажабо,
Фейрбах, Кант, Гегелни.
Гегелдан мен Румийга келдим,
Келдим Нақшбандияга,
Ваҳоланки, Румийдан Гегел
Озиқ олган мияга.
Бошим тегди Ғарб деворига,
Нени излаб елибман?
Мен машриқлик Шарқдан Ғарбгамас,
Ғарбдан Шарққа келибман.

 
ҲАДИС. ҲИКМАТ. АШЪР

Қуйидаги бобда Муҳаммад алайҳиссаломнинг табаррук ҳадислари, шунингдек, пайғамбар алайҳиссаломдан руҳланиб тариқат шоирларининг ёзган ҳикматларидан намуналар берилади. Зеро, машойихларнинг айтган гапи ҳикмат, қўйган қадами ибрат, оддий бандалар қилолмайдиган ишларни Аллоҳ изни билан бажаришлари кароматдир.
Лекин шуни ҳам унутмаслик керакки, Эрон адиби Али Даштий таъкидлаганидек, каромат борасида сўфий улуғлари Жунайд Бусаҳл ва Боязиддан баъзи бир ибратли таъкидлар келадики, улар демиш: «Агар кўрсангизки, бир шахс ҳавода учадир ё сув саҳнда кетиб борадир, бироқ шариат жавоҳири билан оёқлари боғлиқ эмас, билингки, у шайтондир». (Асқар Маҳкам таржимаси.)
Сўфи Оллоёр ёзади:

«Шариатсиз киши учса ҳавоға,
Кўнгул берма анингдек худнамоға.
Шариатсиз киши гар ютса ўтни,
Ҳаво ўртасида минса булутни.
Қачон тобқан бўлур қурбат,
Ойдини вали, билманг тақи андоғ кадини.
Бўлубдур мундоғ ишлар кофирдин,
Нечукким бўлди сиҳр Сомирийдин...»

Демак, тариқатдан мақсад каромат кўрсатиш ё соҳибкаромат бўлиш эмас, балки комил инсонга айланишдир. Бу жараён қалбни покизалашдан бошланади. Машраб шундоқ таъкидлайди:

«Чун замиринг соф бўлғон сўнг билинғой неку бад,
Хонаи дилни супурмай, санки меҳмон излама.

Тариқат — Аллоҳга етишиш йўли.

Кимки ўз айбини билди, у етар Раҳмонига,
Дийда ўз айбингни оч, дигарга нуқсон излама».
Машраб

Аллоҳга етмоқ учун киши ўз айбу нуқсонини кўролса, ўзини таний бошлайди ва ТАВБА босқичига қадам қўя-ди. Ўз айбу нуқсонини кўра олмайдиган, ўзини таний олмайдиган киши гофил ва гумроҳдир.
«Нафоҳатул унс»да ёзилишича: «Иброҳим Шаммосий Самарқандийдан адаб не деб сўрабдилар. Ул зот: «Адаб он аст, ки худро бишносй» (яъни, ўзингни танимоқ адабдур), деб жавоб берган. Шуни ҳам унутмайликки, ўзини билмаган Аллоҳни қаердан билсин.
Улуғ шоирлар пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадисларидан, шунингдек, тариқат пирлари ҳисобланмиш сўфийларнинг ҳикмат, ривоятларидан илҳомланиб асарлар битган. Бу асарларнннг тарбиявий аҳамияти беқиёс, маърифий қиммати бебаҳо. Аср-асрлардан бери ёшларни комил инсон этиб тарбиялашда боболаримиз мазкур ҳикматлардан фойдаланганлар. Дарвоқе, сўфийларнннг кўпи олим бўлиш билан бирга шоир ҳам эдилар.
 Қуръони Каримнннг «Шуаро» сурасида қуйидагилар битилган: «Эй Муҳаммад, айтинг: «Мен сизларга жинлар кимларга тушиши ҳақида хабар берайми? Улар бар-ча гуноҳга ботган товламачиларга тушиб, эшитиб олганларини (уларга) ташларлар. Уларнннг (жинларнинг) кўпи ёлғончилардир. Шоирларга йўлдан озганлар эргашур Уларнинг (сўз водийларидан) ҳар водийда дайдишларини (яъни, ўзларига ёқиб қолган энг тубан кимса ё нарсаларни ҳам кўкка кўтариб, ёқтирмаганларини тупроққа қоришларини) ва ўзлари қилмайдиган нарсаларни айтишларини кўрмадингизми?» (221—220-оятлар. А. Мансур маънолар таржимаси.). Хўш, шоирларга йўлдан озганлар эргашса, шоирлик энг катта гуноҳ ҳисобланмайдими? Шундай бўлса, нега тариқат пирлари шеър ёзган? «Шуаро» сурасининг давомида бу саволларга жавоб бор: «Магар иймон келтирган ва яхши амаллар қилган ҳамда доим Аллоҳни ёдда тутган ва (илгари) мазлум бўлганларидан кейин (ислом зафар топгач), ғолиб бўлган кишилар (яъни, шоирлар йўлдан оздиргувчи эмаслар). Золим кимсалар эса яқинда қандай оқибатга қараб кетаётганларини билиб қолурлар» («Шуъаро» сураси, 227-оят. А. Мансур маънолар таржимаси.)
Демак, иймони бор, яхши амаллар қилувчи ва доимо Аллоҳни ёдда тутган шоирлар йўлдан оздиргувчи бўлмай балки одамларни тўғри йўлга бошловчилардир. Пайғамбар алайҳиссаломнинг: «Сўзда сеҳр бор, шеърда эса ҳикмат» деган ҳадисларини ҳам шу ерда эслатиб ўтмоқ жоиздир.
Ҳақ таоло ояти карималарининг бирида: «Уларнинг ҳидоятини (иймонларини) зиёда қилдик», яна бир ояти каримада: «Мўъминларнинг иймонлари яна ҳам зиёда бўлсин деб», бошқа бир ояти каримада эса: «Бугун сизларга динларингизни мукаммал қилиб бердим», дейди. Агар динни мукаммал қилиб турган бирор нарса тушириб қолдирилса, унда иймон мукаммал бўлмайди.
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи вассаллам бундай деганлар: «Кимки юракдан «Ла илаҳа илаллоҳ» деган эрса ва унинг юрагида буғдой донасича яхшилик (иймон) бор эрса, дўзахдан чиққусидир». Иймон учун яхши жой ато қилинмишдир» (яъни, иймоннинг ўрни дўзахда эмас, жаннатдадир).
Аллоҳ таоло ояти каримасида: «Кимки исломдан бошқа динни ихтиёр этгай, тоати қабул қилинмагай», деган.
Бир куни Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам кўпчилик билан суҳбатлашиб турган эдилар. Бир киши қошларига келиб, салом бергач: «Иймон надур?» деб сўради. «Иймон Аллоҳга, унинг малоикаларига, пайғамбарларнинг ҳақ эканлигига, Аллоҳни қиёмат кунида кўришга, ўлгандан кейин тирилишга «ишонмоғингдур», дедилар. «Ислом надур?» деди. «Ислом Аллоҳга (ширк келтирмасдан) ибодат қилмоғинг, беш вақт намоз ўқимоғинг, фарз закотни бермоғинг ва Рамазон рўзасини тутмоғингдур», деб жавоб бердилар. «Эҳсон надур?», деди. Эҳсон Аллоҳга уни кўрб турганингдек ибодат қилмоғингдур. Агар сен кўрмаётган бўлсанг, у сени кўриб турибдир», дедилар. «Қиёмат қачондур?» деб сўради. «Сўраётган киши сўрагувчидан ортиқ билмайдир, бироқ аломатларини айтиб берай, улар қуйидагичадир: хотинлар ўз эгаларини туғадиган бўлганда (болалар ота-оналарига хўжайин бўлиб, уларнинг дилини оғрита бошлаганда), туябоқар чўпонлар баланд-баланд иморат сола бошлаганда.
Бешта ғойибий (сир) нарса бор, уни фақат Аллоҳ билур, улардан биттаси — қиёматнинг қачон бўлмоғидур», деб ўша мазмундаги ояти каримани ўқидилар. Кейин бояги киши кетди. Расулуллоҳ дедилар: «Ҳалиги кишини қайтариб келтиринглар (саҳобалар тушунсинлар деб шундай қилдилар)». Орқасидан чиқиб, топмадилар. Расулуллоҳ дедилар: «Бу Жаброилдур, сизларга динингизни ўргатгани келгандир».
Имом Бухорий айтадилар: «Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам юқоридаги ҳамма нарсаларни иймондан деб ҳисоблайдилар».
Мазкур бобда тариқат пирларининг табаррук байтлари, ҳикматлари, шунингдек, мумтоз адабиёт вакилларидан Алишер Навоий, Бобур, Сўфи Оллоёр, Машрабнинг тариқат пирлари ҳаёти, уларнинг каромати ҳақидаги ривоятларидан айрим намуналар келтирамиз.
Салмони Форсий Абу Дардоъ розияллоҳу анҳуга: «Туннинг биринчи қисмида ухлаб, унинг охирги қисмида уйғоқ бўлгин! Расулуллоҳ шундай деганлар», деб айтдилар... (Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий. «Ҳадис», 1-том, Т., 1991 йил.)
Расулуллоҳ дедилар: «Ҳалол ҳам, ҳаром ҳам аниқ бўлди. Уларнинг ўртасида шубҳали нарсалар бор. Кўп одамлар буни билмайдилар. Кимки шубҳали нарсалар-дан сақланса, динини ҳам, обрўсини ҳам пок сақлаган бўлади. Кимки шубҳали нарсаларга тушиб қолса, ҳаромга ўтиб кетиши ҳам мумкин. Агар чўпон қўйларини заҳарли ўт атрофида ўтлатиб юрган бўлса, подаси заҳарли ўтдан еб қўйиши мумкин. Билгинки, ҳар бир подшоҳнинг қўриқхона каби тақиқлаб қўйган нарсалари бўлганидек, Тангрининг ҳам тақиқлаб қўйган ҳаром нарсалари бор. Билгилки, инсон жасадида бир гўшт парчаси бор, агар у соғлом бўлса, бутун жасад ҳам соғломдир, агар у бузилса, бутун жасад ҳам бузилади. Билгинки, у юракдир» («Ахлоқ-одобга оид ҳадис намуналари», Т., «Фан», 1990 йил.).
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу айтдилар: «Бу жасадларким, (яъни вужуд) бамисоли қушлар қафаси ё ҳайвонларни қамайдиган оғилхонадир». Бас, сен фикр қил — ҳар иккисининг қайси бирига мансубсан, агар юксакликка учадиган қушлар жумласидан (яъни ибодат қилувчи, ҳалол-покиза одам) бўлсанг, Худо томонидан келадиган: «Эй пок нафс!» деган нидони эшитиб юқорига қараб учгайсан — токи жаннатнинг олий даражаларини қучгайсан!» (Абу Ҳомид Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Ғаззолий, «Охиратнома», Бухоро — 1992 йил, «Сусамбил кутубхонаси».)
Султон Боязид деди: «Эй, она! Неча кундирки, тоату ибодатдан кўнглим ҳаловат тополмаяпти. Дилим ҳеч юмшамаяпти, нечундир қопқора. Бунинг сабаби ҳаром луқмадан эканлигини биламан. Лекин ақлимни таниганимдан бери ҳаром ё шубҳали таом еганим йўқ, парҳезим қаттиқдур. Вале сиз менга ҳомиладор бўлганда ё сизни эмаётган давримда ҳаром луқма тановул қилгансиз, деган гумоним бор».
Она дедн: «Жоним болам! Сенга ҳеч қачон ҳаром сут бермаганман. Лекин бир воқеа эсимдаки, бир кун сени кўтариб қўшнимизникига ўтдим, уй эгаси ичкари ҳовлида экан, ташқарида сурмадони қўйилган эди. Сурма олиб сенинг кўзларингга суртдим. Шу он хато қилганимни фаҳмлаб, қўшни аёлдан узр сўраб, гуноҳимни ке-чиришини сўрамоқни ўйладим-у, кейин фаромуш бўлдим».
Бу гапларни эшитиб, Султон Боязид фарёд қилди: «Во дариғ! Онажон, менинг ҳақимга жафо қилган экансиз. Югуринг, агар сурма эгаси тирик бўлса, ундан ро-зилик олинг, бўлмаса менинг шунча йиллик ранжларим бекор кетади. Онажон, билмабмидингизки, ҳаром нарса кўнгилни сим-сиёҳ этади ва Ҳақ субҳонаҳу таоло завқидан кўнгил айрилади. Ҳақ Субҳонаҳу таоло назари ундай кўнгилга тушмайди. Албатта бориб розилигини олингки, гуноҳкор бўлган экансиз».
Боязид Бастомий деди: «Ҳар гал «Ла илаҳа иллаллоҳ» калимасини зикр этишдан олдин оғзимни етмиш бор мушку гулоб билан ювамен» («Гулчине аз Дуррул-ажойиб». Душанбе, «Симург» — 1992.).
Шайх Саид Манҳавоний Боязидни имтиҳон қилмоқчи бўлибди. Боязид унга дебди: «Сен Саид Раёний номли шогирдим ёнига боргилким, атроф оламнинг валоят ва кароматини анга берибмен».
Саид Майҳавоний Саид Раёнийни излаб саҳрога борди. Саид Раёний қўй боқар эди. «Кўрдики, намоз ўтаб ўтирадур ва қўйларини бўрилар боқиб юрибдур. Ва чун Саид Раёний намоздин фориғ бўлди (тугатди). Сўрдиларким: «На ишга келдинг ва на тиларсен?»
Саид Майҳавоний дедиким: «Дарҳол иссиқ нон бирла узум тилармен».
Саид Раёний илкидаги таёқни ўтрудин синдурди. Ва бир порасини ўзи олди-да, бир порасини Майҳавоний олдида санчди. Эрса дарҳол узум мева келтурди. Саид Майҳавоний тарафи қора узум бўлди. Раёний тарафи оқ узум бўлди.
Сўрдиким: «Не учун менинг тарафим қора, сенинг тарафинг оқдур?»
Раёний деди: «Анинг учунким, сенинг хоҳишинг имтиҳон эрди ва менинг хоҳишим сидқу ихлос эрди. Ҳар нимарсанинг ранги ўз ҳолининг лойиқида бўлур». Ундин кейин Раёний бир кўҳна чакмонни Саид Майҳавонийга берди. Дедиким: «Муни ўзинг бирла соқлагил». Ва чун Саид Майҳавоний ҳажга борди. Арафотда (ҳожилар тўпланадиган Макка яқинидаги жой) ул чакмони андин ғойиб бўлди. Қачонки, Ноиб султонга келди эрса, ул чакмонни Раёнийда кўрди.
Боязид дедиким: «Менинг муридим улдурки, дўзах лабида ўлтургай, кимники дўзахга олиб келсалар анинг илкидин тутиб, беҳиштга элтгай ва ўзи унинг ўрнида дўзахга киргай».
Боязид дебдур: «Ҳар киши Худони билса, Худонинг ёдидан ўзгага оғиз очмас».
Дастур: «Ҳаммадан ёмони семизлик ва тўқлуқдир».
Боязид деди: «Ният қилсам, тамоми халойиқнинг гуноҳини Ҳақ таолодин тилаб олсам. Яна хотиримга кечдиким, мақоми шафоат ҳазрат расули акрам Муҳаммад мустафо саллоллоҳу алайҳи васалламга хос эрди, деб адаб сақладим. Ҳақ таолодин хитоб келдиким, бу адабким, сен сақладинг ул жиҳатдин сенинг мартабангни баланд қилдим. Ончаким, то қиёматгача сени Султон ул орифин қилдим, тамоми авлиёлар подшоҳисен». (Муҳаммад Сиддиқ Рушдий. «Тазкиратул авлиё», «Сирли олам», 9—10—11-сонлар, 1991 йил.)
Шайх Абул Ҳасан Харақонийдин сўрадиларки, сўфий кимдур? Деди: «Киши мураққаъ (қуроқ тўн, жанда) ва санжода (жойнамоз) била сўфий бўлмагай ва русум ва одат била сўфий бўлмагай... Сўфий бир кундурки, кун (қуёш)га эҳтиёжи бўлмагай ва бир кечадурки, ойга эҳтиёжи бўлмагай ва бир йўқдурки, борлиққа эҳтиёжи бўлмагай».
Шайх Абул Ҳасан Харақонийдин сўрадиларки, киши недин билгайки, уйғоқдур?
Деди «Андинки, чун Ҳақни ёд қилса, фарқидин қадамигача хабардор бўлгай ва сўрдиларки, сидқ недур? Деди: Сидқ улдурки, кўнгул сўз айтгай, яъни ани де-гайки, кўнглида бўлгай. Ва сўрдиларки, ихлос недур? Дедики, ҳар не Тангри учун қилсанг ихлосдур ва ҳар не халқ учун қилсанг риёдур.
Шайх Абул Ҳасан Харақонийдан сўрадиларки, фано ва бақода сўз айтмоқ кимга тегар? Деди: «Ул кишигаки, ани осмондин бир тор ипак била осмиш бўлгайлар ва эли озадурмиш бўлғайки, биноларни ва йиғочларни қўнғарурмиш бўлғай ва дарёларни анбошта қиладурмиш бўлғай ва ани ўрнидан тебрата олмагай».
Шайх Абул Ҳасан Харақоний дебдурки, биров била суҳбат тутмангизки, сиз Ҳақ дегайсиз ва ул ўзга нима (ўзга сўз) дегай ҳа дебдурки, андуҳ тиланг, то кўз суйи хосил бўлгайки, Тангри йиғлагувчиларни суяр.
Дебдурки, киши суруд этса (ғазал ўқиса) ва Ҳақни тўпласа яхшироқки, Қуръон ўқиса ва ғайрни тиласа ва дебдурки, Расул вориси улдурки, анинг феълига иқтидо (эргашиш) қилгай. Ул киши эмаски, қоғоз юзин қаро қилгай.
Шиблий дебдурки, тиларменки, тиламагаймен. Шайх Абул Ҳасан Харақоний дебдурки, бу ҳам тиламакдур, қирқ йилдурки бир вақтда мен ва Тангри кўнглимга боқар ва ўзидин ўзга (ни) кўрмас.
Шайхул Ислом (Хожа Абдуллоҳ Ансорий) дебдур-ки, Шайх Харақоний сўз асносидаким манга айтур эрди. Айттики, агар Хизр била суҳбат тутсанг, тавба қил ва агар бир кеча Ҳирийдан Маккага борсанг, андин ҳам тавба қил.
Шайх Харақоний дебдурки, ёруғроқ кўнгул улдурки, анда халқ бўлмагай ва ишниниг яхшироғи улдурки, анда махлуқ андишаси бўлмагай ва ҳалолроқ неъмат улдурки, касбинг била бўлгай ва рафиқларинг яхшироғи улдурки, зиндагонлиги Ҳақ била бўлгай.
Абдухолнқ Ғиждувоний муридлари билан суҳбатлашиб турганда бир йигит хонақоҳга кирди. У зоҳидлар суратида, эгнида хирқа, кифтида сажжода (жойнамоз) ва бир гўшада ўлтурди. Ҳазрати Хожа анга назар қилди. Ул йигит дедиким, ҳазрат Расулуллоҳ айтқон ҳадиснинг сирри недур? Алар (яъни, Хожа Абдухолиқ) де-диларки, ҳадиснинг сирри будурким, хирқанг остидаги зуннорингни (насронийлар тақиб юрувчи бут) кесиб, иймон келтиргайсен. Ул йигит филҳол зуннорини кести ва иймон келтурди ва ҳазрати Хожа асҳоб (суҳбатдошлар)га боқиб дедиларки, эй ёронлар, келингки, андоққи зоҳир (юзаки) зуннорини кесиб, бу наваҳд йигит иймон келтурди, биз ҳам ботин (ички) зунноринки, иборати ужб (манманлик, кибр)дандир, қатъ (кесиб), иймон келтурали, то андоқки, ул омурзида бўлди (яъни гуноҳи кечирилди), биздоғи омурзида бўлали.
Ажаб ҳолате асҳобга зоҳир бўлди. Хожанинг оёғига тушарлар эрди ва тавбаларин тоза қилурлар эрди.
Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанддан биров сўрадиким, сизнинг силсилангиз на ерга етар? Алар дедиларки, киши силсила била ҳеч ерга етмас.
Ҳазрат Баҳоуддин дер эрмишларки, бизнинг тариқимиз суҳбатдур ва хилватда шуҳратдур ва шуҳратда офат, хайрият жамиятдадур ва жамият суҳбатда, бу шарт билаки, бир-бирига нафи бўлунгай.
Ҳазрат Баҳоуддин демишларки, бизнинг тариқимиз илик (қўл) пайғамбар мутобаатига урмоқдур (яъни, пайғамбар алайҳиссалом суннатларига эргашиш) ва саҳобаи киром осорига иқтидо (эргашиш) қилмоқ ва бу тариқда оз амал бирла кўп футуҳга (кушойиш) етишдур. Атиму суннат мутобаати риояти улуғ иштурки, ҳар киши бу тариқимиздин юз ўгурса анга дин хатаридур...
Алар дебдурларки, тавҳид сиррига етса бўлур, аммо маърифат сиррига етмак душвордур.
Ҳазрат Баҳоуддин дер эрмишларки, ҳазрати Шайх Абу Саид Абулхайрдин сўрубдурлар, сизнинг жанозангиз илайи (аввали)да қайси оятни ўқусунлар?
Дер эрмишки, оят ўқумоқ улуғ ишдур. Бу байтни ўқусунларки:

Чист аз ин хубтар дар хама офоқ кор,
Дўст расад назди дўст, ёр ба наздики ёр.

(Мазмуни: Дунёда дўст дўст дийдорига, ёр эса ёр висолига тутмоғидан кўра яхшироқ иш йўқдир).
Андин сўнгра алар (яъни Баҳоуддин) дебдурларки, бнзнинг жанозамни илайида бу байтни ўқусунларки:

Муфлисонам омада дар кўйи ту,
ЛавҳашаАллоҳ аз жамоли рўй ту.

(Мазмуни: Муфлислармиз (камбағаллармиз) сенинг наздингда келдик, лавҳашаАллоҳ дея жамолинг умидида (нола этиб) келдик). (Алишер Навоий, «Насоимул муҳаббат» (15-том), Т., Ғ. Ғулом яомндаги Адабиёт ва санъат нашрнёти, 1968 йил.)
Нақл қилурларки, ҳазрат Хожа Баҳоуддин эгниларида эски пўстин билан Бухородаги Саррофон (пул майдаловчилар) бозоридан ўтаётганларида бир дарвиш йўлларини тўсиб, деди: «Аё Ҳазрат! Аллоҳ ҳаққи, менга тўғрисини айтинг! Оз муддатда бу қадар баланд мартаба сизга қай хизматингиз эвазига муяссар бўлди?» Баҳоуддин унга: «Бу юксак мартаба резачинлигим (яъни нон ушоқлари ва бошқа ушоқларни нобуд этмай теришим)дандир», дебдилар.
Нақл қилурларки, Хожа Баҳоуддин кўчада бир девонани кўрдилар, у қуйидаги байтни замзама этарди:

Некувонро дўст дорад ҳар ки бошад дар жаҳон,
Гар бедонро дўст дори гўй бурди аз миён.

Мазмуни: яхшиларни дунёда ҳамма ҳам дўст тутади, лекин агар сен ёмонларни дўст тутсанг, гўйин (чавгон ўйинида ўртага қўйиб, от устида учи эгри таёқ билан ўйналадиган кичкина ёғоч тўп) орадан олган (яъни, ғолиб бўлган) ҳисобланасан.
Баҳоуддин дедиларки, мен учун бу байт сабоқ бўлди ва барча дарвишларга мазкур байтни ёдламоқни буюрдим.
Нақл қилинишича, кунлардан бир кун ҳазрат Баҳоуддин ҳазрат Саййид Мир Кулол суҳбатларини қўмсаб Иасаф томон йўлга тушибдилар. Ҳазратнинг отлари жиловидан тутиб, бир дарвеш борарди. Ҳазрат Баҳоуддин дарвишга ўз сулуклари хусусида сўзлаб, кўп машойих номини зикр этадилар. Ҳазрат Баҳоуддин дейдиларки, мен Султон Боязид Бастомий қуддиса сирруҳу мақомларига сайр қилдим ва Султон Боязид борган жойга етдим, Шайх Жунайд, Шайх Шиблий, Шайх Мансур чиққан мақомларга ҳам кўтарилдим. Бир даргоҳга етдимки, ундан муаззамроқ, буюкроқ мақом йўқ эрди. Билдимки, бу Муҳаммад алайҳиссалом боргоҳларидир, гўстоҳлик (ҳурматсизлик) қилмадим ва Боязид не иш этган бўлса, мен ундай этмадим (яъни, у даргоҳ ҳурматини сақлади. («Мақомоти Шоҳ Нақшбанд» китобидан.)
 Хожа Али Рометаний дебдурларки, агар ер юзида Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний фарзандларидин бири бўлса эрди, Мансур ҳаргиз дор остига бормагай эрди (Алишер Навоий. «Насоимул муҳаббат».).
Амир Темур деди: «Пири комил Баҳоуддин Нақшбанднинг «Кам егин, кам ухла, кам гапир», деган панду насиҳатларига амал қилдим. Аркону давлатга, барча мулозимларимга ҳам айтар сўзим шу бўлди: «Кам енглар—очарчилик кўрмасдан бой-бадавлат яшайсизлар, кам ухланглар — мукаммалликка эришасизлар, кам гапиринглар — доно бўласизлар» («Амир Темур ўгитлари», Т., «Наврўз» — 1992 й.).
Нақл қилинишича, 1920 йил Михаил Фрунзе бошчилигидаги босқинчилар Бухорои шариф масжиду мадрасаларини ер билан яксон этиб, дину диёнатли одамларнн ўлдира бошладилар. Бухорои шарифдаги нодир китоблар, олтину кумушлар, хуллас, барча қимматбаҳо нарсаларни русияга олиб кетадилар.
Нақшбандия тариқати пирларидан бири, айни шу кунларда Бухоройи шариф яқинидаги Кушхона (Бухоро райони) қишлоғида истиқомат қилаётган устоз Теша бобонинг ҳикоя этишларича, бу ваҳшийликни кўриб бир тақводор, ҳалол-покиза муллавачча ҳазрат Баҳоуддин чиллахоналарига, яъни Қасри Орифонга бориб, қирқ кун чилла ўтирмоқчи бўлибди. Унинг мақсади: «Нега ўрис босқинчилари ғолиб, мусулмонлар эса мағлуб бўлди? Нега ҳазрат Баҳоуддин руҳлари мадад бер-маяпти?» деган саволларга жавоб топиш, бу сирнинг тагига етиш экан. Ўттиз тўққизинчи кечаси муллавачча туш кўрибди: Бухорои шарифдаги барча азиз-авлиёлар, жумладан, ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд ҳам занжирбанд қилиб қўйилган, барчалари сукутда. Ҳазрат Баҳоуддин: «Эй муллавачча! Урнингиздан туринг ва бу ердан кетинг! Бизни безовта этманг. Аҳволимизни кўриб турибсиз-ку! Бу ишларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг хоҳиши билан бўлди. Лекин шуни унутмангки, қаерда дину диёнат унутилса, Қуръони карим оятлари ва пайғамбар алайҳиссалом суннатларига амал қилинмаса, инсоф, меҳру мурувват йўқолса, ўша жойга Аллоҳ мана шунақа балоларни юборади.
Аллоҳ изн бериб, то бизни занжирдан бўшатмаса, ҳеч иш қилолмаймиз!
Қачонки тавбаларингизни Аллоҳ қабул этса, шундан кейин бу бало бошингиздан даф бўлур! Ҳозироқ бу ердан кетинг!», дебдилар. Муллавачча уйғониб, ўша заҳоти Бухорои шарифга қараб йўл олган экан...
Нақл қилинишича, 1991 йилнинг баҳорида Лоша мавзеининг (Бухоро райони) Хўжаи Чақмоқ қишлоғида истиқомат қилувчи Саид ҳожи Каромат ўғли қуйидаги воқеага гувоҳ бўлган. У кишининг қўшниларидан бири уйқудан қўл-оёғи фалаж бўлиб уйғонади. Табобат, югур-югурлар фойда бермайди. Бир кеча тушида но-гирон бўлган киши икки нуроний зотни от устида қишлоқдан ўтаётганларини кўради. Оқ отга минган оқ кийимли пир: «Ўрнингиздан туринг!» деб амр қилибдилар. «Тақсиржон, оёқ-қўлим фалаж, шу сабаб сизлар билан ўрнимдан туриб кўришолмайман, узр», дебди киши. Малла отга минган малла кийимли зот: «Урнингиздан туринг, дегандан сўнг туринг-да! Сиз бу кишини танидингизми? Бу киши пиримиз ҳазрат Баҳоуддин бўладилар, мен Хўжаи Чақмоқман. Энди бизга Аллоҳ изн берди, шу сабаб кезиб юрибмиз. Қани, Бисмиллаҳир роҳманир роҳим деб, ўрнингиздан туринг!», дебдилар ва қўлларини чўзиб қўл-оёғи фалаж одамни ўрнидан турғизибдилар.
Эрталаб фалаж уйғонса, қўл-оёғи соғайган экан...
Абдухолиқ Ғиждувоний:

Эй сўфии соф, ки қуни майли самоъ,
Ҳосил зи самоъ чун нифоқ асту низоъ.
Ё тарки самоъ кун, ки софи гарди,
Ё он, ки ҳаёти дили суд соз видоъ.

Мазмуни: эй покиза сўфий, сен самоъга майл кўрсатсанг, ундан фақат нифоқ ва низо ҳосилини олажаксан. Ё самоъни тарк қилиб, тўғри йўлни танла, ёхуд кўнгил ҳаёти билан видо эт (яъни ҳаётинг хавф остида қолади, шундан эҳтиёт бўл).

Инкор макун самоъу мақбул мадор,
Илло зи касе, ки зиндадил бошад ёр,
Гар нафси ту мурда нест, аз шуҳрату оз,
Бо савму салот бошу дигар бигузор.

Мазмуни: Самоъни сен на инкор айла, на қабул эт, агар сен зиндадил бўлсанг, шундай йўлни танлагил. Агар шуҳрату шон талабидан нафсинг ўлмаган бўлса. зинҳор-зинҳор намозу рўза ила машғул бўл, бошқа ишни қўй (А. Мухаммедходжаев, «Геосеология суфизма», Душанбе, «Дониш» — 1990).
Хўжа Али Рометаний:

Бо ҳар ки нишасти нашуд жамъ дилат,
Ваз ту нарамид суҳбату оби гилат.
Зинҳор зи суҳбаташ гурезон бибош,
Варна накунад руҳи Азизон биҳилат.

Мазмуни: Ким билан ўтириб турдингки, кўр, агар юрагинг ундай одамлар суҳбатидан баҳра олмай, хижил тортса, зинҳор ундақалар билан қайта ҳамсуҳбат бўлма, зеро Азизон руҳи бундайларни кечирмайди (Алишер Навоий, «Насоимул муҳаббат».).
Баҳоуддин Нақшбанд:

Ҳечи мо нею ҳечи мо кам не,
Аз пайи ҳеч ҳечи мо кам не.
Жанда дар пушту пушт гўристон,
Гар мирем ҳеч мотам не.

Мазмуни: Бизнинг ҳеч нарсамиз йўғ-у лекин ҳеч нарсадан камимиз йўқ. Ҳеч нарса учун ғамимиз ҳам йўқ.
Жандамиз орқамизда—орқада қабр, агар ўлсак ҳам ҳеч мотам йўқ.

Ки то кай гўри мардоно парасти,
 Ба гирди кори мардум гарди, расти.

Мазмуни: то улуғ одамлар гўрига сиғингунча, улар қилган (улар айтган гапларга) ишларга амал қил, шундан сўнггина мақсадга етасан.

Аз дарун шав ошнову ваз берун бегонаваш,
Ин чунин зебо равиш кам мебувад андар жаҳон.

Мазмуни: ичкаридан (яъни, юракдан Аллоҳ билан) ошно бўл-у ташқаридан бегонадай бўлиб юр. Бундай зебо равиш дунёда жуда оз (Алишер Навонй, «Насоимул муҳаббат»).
Хўжа Убайдуллоҳ Аҳрор:

Вирди азкор ичида, эй отоҳ,
Афзали ла илоҳа илоллоҳ.

Мунда мисръа бу суврат бўлди,
Вазн тағйири зарурат бўлди...

Зикри мазкурга бўлгил машғул,
Бу йўсумликка дегумдур санга йўл.

Нафйда ҳар неки бордур жуз ҳақ,
Йироқ этгил кўнгулунгдан мутлақ.

Нафйидин сўнгра ки бор илоллоҳ,
Мунда етганда эшит бу дур роҳ.

Билки, маҳбуб ила маъбуд улдур,
Бори эли сожиду масжуд улдур...

Йўқтурур ҳеч илоҳ илло Ҳақ,
Муни тарк айламагайсан мутлақ...***
(Ҳазрати Хожа Убайдулло Аҳрор, «Рисолаи волидия», Т., «Ёзувчи» — 1991 йил. Форсийдан Бобур таржимаси.)

Алишер Навоий:
Хожа Баҳоуддин Нақшбанд қуддуса сирриҳу мадҳидаким, сунъ наққоши ҳикмат хомаси била рўзгор саҳифасида анинг вужуди нақши исломий тарҳ этти ва сурати иршоди била қуфр аҳли кўнгли варрақидин хитойи ва фаранги нақши кетти ва Хожа Убайдуллоҳ саламҳуллоҳга ниёз арзиким, ул ҳазратқа халифи мутлақ, балки халифаи барҳақдурур.

Ҳожаки, наққоши сипеҳри баланд,
«Бўлгали ҳар саҳфаси нақшбанд,

Айлади авроқ мунаққаш басе »
Нақш раҳм айлади дилкаш басе.

Лек анинг нақши киби дилнавоз
Чекмади то хомасидур нақш соз.

Собит анинг кўнгли аро нақши жуд ,
Маҳв ўлуб ул сафҳада нақши вужуд.

Нақшига тенг тутмай ўзин нақши чин...
Олам ўлуб илгида нақши нигин.

Бўйла нигин нақшига фармонбари,
Мунча ажаб нақш ила девулари.

Сайъ ила бу гунбади бисёр нақш,
Ҳар нечаким айлабон изҳор нақш.

Нақшининг олдида намудор уза,
Нақш бўлуб сафҳаи девор уза.

Мунча ажаб нақш била аржуманд,
Кимса эмас ғайри шаҳи нақшбанд.

Жонга чекиб ранжу ано нақшини
Сизмоқ учун анда фано нақшини.

Жони чу ул нақш макони бўлуб,
Нақшдин ўзса бори фонин бўлуб.

Турфа буким нақшга кўз солмайин,
Жонида жуз нақши бақо қолмайин.

Кўнгли чекиб маскан аро нақши сайр
Сайрда йўқ кўнгли аро нақши ғайр.

Сайр анга бу тоқи мунаққаш уза,
Нақши кафи лаҳваи заркаш уза.

Чун изининг нақшига суртуб жабин,
Равшан этиб кўз фалаки нақшабин,

Равзаи жаннатқа чу айлаб хиром,
Холи анинг ўрнида қоним мақом.

Улки бу офоқ ичида тоқ эрур,
Тоқ неким, муршиди офоқ эрур.

Чархи нигун даргаҳида хок рўб,
Балки жабини била хошок рўб.

Юз қўюбон қуллуғига шоҳлар,
Базмида беҳуд ўлуб огоҳлар.

Хизматидин ҳар киши огоҳ ўлуб,
Гарчи гадо маъни ила шоҳ ўлуб.

Неча тушуб эгнига қилсанг қиёс,
Ғозини ирфон кафидин юз либос.

Завқ ила тағйири либос этмайин,
Тафриқаи ҳаззу палос этмайин.

Суҳбатида ҳар неча бешакку райб,
Жилва қилиб шоҳиди раънойи ғайб.

Гўшаи хилват аро тутмай қарор,
Ўзини қилмай яшурун ошкор.

Атласи гардун била минг зебу фар,
Тўрқа тўни остида кўк остар.

Лек ўшул тўрқаси ҳар тор ила,
Фақрда юз муршид учун силсила.

Мулки жаҳон мазраи деҳқони ул,
Балки жаҳон мулки нигаҳбони ул.

Йўқки мамоликка нигаҳбон ўлуб,
Борча салотин уза султон ўлуб.

Руқъалари етса не шаҳ қошига,
Иш ани қўймоғлик ўпуб бошига.

Англаб ани бош уза тожи яқин,
Ҳар сўзи ул тож уза дурри самин.

Шаҳга дема, лутф чоғи тож бахш,
Балки гадоларга доғи тож бахш.

Ҳақ сўзни элга қилурда адо,
Теки кўрунуб олида шоҳу гадо.

Чун солиниб навбати қадрига кўс,
Шаҳлар ўлуб навбат ила хокбўс.

Хотир ўлуб меҳри жаҳонтоб анга,
Авжи шараф анжуми асҳоб анга.

Ҳар бири олам элига раҳнамо,
Дема жаҳон аҳлики, аҳли само.

Борча сулук аҳлига раҳбар бўлуб,
Йўл элига тийра тун ахтар бўлуб.

Тийра назарларга бериб нуру тоб,
Ҳар бириси ўйлаки нажму шиҳоб.

Гарчи тижорат бўлуб ойинлари,
Бўлмади бир мулкда таскинлари.

Юкларида туҳфаи нақди фано,
Ҳар бири ул нақддин истаб рино.

Симлари борча фано конидин,
Дурлари йўқлук суви уммонидин.

Чун кивуруб ҳар сори рахти нажот,
Банд бўлуб чорсуйи коинот.

Олгучи гар ваҳми зиёнбуд этиб,
Лек бу савдо чу қилиб суд этиб.

Токи жаҳон қасрининг имкони бор,
Устида онинг фалак айвони бор.

Қўймасун айвони жаҳонни тиҳи,
Дабдабаи кўси Убайдуллаҳни.

Ҳимматидин бизни ҳам этсун
Худои Фақр йўлида ғани, имонга бой.

«Хамса», Т., 1960 йил.
 
СЎФИ ОЛЛОЁР

ҲИКОЯТИ ШАЙХ БАСТОМИЙ

Қаригон палласида шайх Бастом
Ўзидин соате кетти бир оқшом.

Ўзига келди эрса айди асҳоб
Нағу бўлди мунингдек эй дурри ноб.

Деди: болуғ бўлур ҳолатда бир роҳ
Кўзумга бир жамила тушти ногоҳ.

Яниб бори дигор солдим нигоҳим,
Чиқиб эрди эсимдин ул гуноҳим.

Эсимга тушди ҳоло ул назора,
Юрагим бўлди қўрқиб пора-пора.

Муборак оғзидин кўп томди қони,
Ўшал хавф ила охир чиқти жони.

Мунингдек йиғласа андоқ неку рой
Бизингдек рўсиёни ҳолига вой.

Ҳамиша завқимиз айшу кулушга
Етушмас эрта қилғон товба тушга.

Ўтар дунё ишин тутдик муқаддам
Гуноҳ айнуқса кўп, қўрқинчимиз кам.

Худовандо, ўзунгсан олами ғайб,
Мани мискиндадур ҳеч сони йўқ айб.

Гуноҳи бениҳоят бандадурман,
Бўлуб шарманда чун шармандадурман.

Абас бирла қўлумдин кетса вақтим,
Амал маҳрин ёшурди абр мақтим.

Жаримам беадад бўлса агар чанд
Ҳижоби мағфират ёп, эй Худованд.

Ювуб раҳмат билан важҳим  қорасин,
Насиб эт барча неъматлар сарасин.

«Саботул ожизин», Т., «Чўлпон»—1991 йил.
 
АЛИШЕР НАВОИЙ

ҲИКОЯТ

Келди Харақоний қошига бир мурид,
Ўз сулуку тоатидин ноумид.

Дедиким: «Иблис пурфанлик қилур,
Кўнглума ҳар ишда раҳзанлик қилур.

Ҳам намозимга етар ондин қусур,
Зикру тасбеҳимга доғи юз футур».

Муршиди комил деди: «Ки эй зулмкеш,
Тиғи жаврунг бирла шайтон кўнгли реш.

Онда ҳам сендин шикоятлардурур,
Жавру зулмунгдин ривоятлардурур.

Дер манга қисм этмиш аввалдин илоҳ,
Макр ила эл ҳолини қилмоқ табоҳ.

Роҳзанлик айламак исён сари,
Бошламоқ йўл водийи нуқсон сари.

Сен муриде айламишсен тарбият,
Ким анга мендин фузундур бу сифат.

Ҳар қачон келдим бу шаррун-носга
Ким солай кўнглини бир васвосга.

Қайси мункарким манга мақбул эди,
Кўнгли кўрдумким, анга машғул эди.

Ҳар тахайюлким  манга эрди маҳол,
Хотирида эрди мамлу ул хаёл.

Айламакни санга талқинлар басе,
Бизни шайтон қилди таҳсинлар басе.

Раҳмат ушбу макр ила тазвирингга ,
Ким дегай шайтониш: «Раҳмат пирингга»

Деди: «Шайтои айламиш туҳмат манга,
Ул берур ҳар лавҳга рағбат манга».

Деди шайх: «Аҳсанту  бу янглиғ маош,
Ким санга шайтон била бўлғой талош.

Мен арода бўлғаймен ҳукм эткучи,
Ёрғу айлаб, узрунгузга еткучи.

Ҳам санга юз қатла шайтондин уёт,
Ҳам анга сен шуми нодондин уёт».

«Лисонут тайр» Т. Ғ. Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1991 йил.
 
МАШРАБ

ҲИКОЯТ

Бор эди шайхи Султон Боязид,
Жумлага наврўз эдию ҳам чу ийд.

Гўдаге кўрди падар гум айлаган,
Учради ул Ғавс и вақтға даъфатан.

Шайх сўради: «Манзилу жойингни айт?
Кимни ўғлисан, нигаҳбонингни айт?»

Деди: «Эй комил, бу сўзни айтмагин,
Мен падар номига ҳеч йўқман яқин.

Беадаблиқдурки тутмоқ номини,
Манга кўрсатгин падарнинг бомини.

Номи деҳдин сўрма қасримни мани,
Чун падардий ғайри бордур душмани.

Зийрак эрди номи тутса ё чу деҳ,
Нотаҳоний солмагай душман гиреҳ.

Номи шайтон номи ғаффорига зид,
Бас, бу номдин қаҳри пайдо, эй мурид.

Базмгоҳи дўстга душман чикор?
Чашми аҳволдин на билсун нури нор.

Руҳи хушҳолу нафс бадҳолдур,
Кимки йўл топибдур, аҳли ҳолдур».

Шайх айтдиларки: «Ақлим андаки,
Манга чун устод бўлди гўдаки.

Бирни тутган иккини тутмас ду ёд,
Бандага бир бўлса, яхшидур мурод.

Бул ҳавасни жонини жон ҳам дема,
Бехабарни аҳли иймон ҳам дема...»

Соате кўрди гирибон чокни,
Мисли Ёқуб дийдаси намнокни.

Ёқа чоку дийда хун, олуда нам,
Келур эрди «во болам» деб, «во болам!»

Топди гўдакни наришонру падар,
Ҳам падар фарзандда топди роҳбар,

Дийдаси арши мажидга учради,
Марди Султон Боязидға учради.

Чунки гум айлаб эди роҳи адаб,
Гўдагини топдию бўлди сабаб.

Марди комил як дилу як рўй эди,
Содиқул қалб эрдию ул жўй эди.

Топди давлатни ўшал уммидвор,
Бор эди жўяндаи асрор кор.

Гар топай десанг чунон нури хабар,
Базми ҳафтод деҳу миллатни қидир.

Мабдаи нур», «Шарқ юлдузи», 12-сон, 1992 й.
 
АЛИШЕР НАВОИЙ

ХОЖА БАҲОУДДИН НАКШБАНД СЎЗИ
ФАНОЙИ КОМИЛ МАҚОМИДА

Хожаи олий сифоти аржуманд,
Шаҳ баҳбул ҳақ вад-дин Нақшбанд.

Чун бу иқлим уза бўлди тахтгир,
Тузди йўқлук кишвари узра сарир .

Ўз вужудин лок сайри ҳақшунос,
Ҳар не бирлаким қилур эрди қиёс.

Ондин ўзни кам топар эрди басе,
Сарву гулдин ўйлаким хору хасе.

То кўрунди кўзига бир жифа калб ,
Пайкаридин поклик ойини салб.

Чун онинг бирла тенгуштурди ўзин,
Нола қилди ашкбор айлаб кўзин —

Деди: «Ул аҳли вафодур, мен —омон,
Ўзни онинг бирла эмди тенг демон.

Ул худовандига қилмас жуз вафо,
Лек мендин зоҳир ўлмай жуз жафо».

Ҳукм мундоқ айлагач соҳиб назар,
Қилдинг йўл бирла олидин гузар.

Кўрди топқоч нисбат ойинин туза,
Ит аёғининг изни туфроқ уза.

Деди: «Мен ортуг эканму ё бу из?»
Яна ўзни деди: «Ки эй инсофсиз,

Ул вафо аҳли аёғнднн нишон,
Сен вафосизлиғ сари доманкашон».

Хатм қилди чун бу маънига сўзин,
Ер ўпуб ул из уза қўйди кўзин.

Аҳли ҳақ бу навъ этиб салби вужуд ,
Будини бу важҳ ила айлаб нобуд.

Бўйла оқшом эттилар жоми фано,
Қолмогондин сўнг асар ўздин яно.

Ҳақ вужудидин бақое топмайин,
Жоми ваҳдатда лиқое топмайин,

Чун фано хайлига  дохил бўлдилар,
Боқийи мутлаққа восил бўлдилар.

«Лисонут тайр»дан.
 
СУФИ ОЛЛОЁР

ҲИКОЯТ

Баҳоуддин валҳақ тоби масваҳ
Авон ига йўлуқтилар баногаҳ.

Авон бир сўз деди, ул мард бир сўз,
Авом қўйди ёмонлиғ кўйига юз.

Юзига солди қамчин марди ҳоли,
Қизил қон бўлди сунбулдек соқоли.

Ушал қонлиғ соқолин олди қўлға,
Деди, ё Раб, муни сол яхши йўлға.

Ғазаб қилма, анга қилгил иноят,
Маҳамма ихрўйи десин қил кифоят

Бу сўзни эшитиб ул марди бебок,
Уриб наъра яқосин айлади чок.

Юзини ерга суртиб нола қилди,
Кўзини ёшини чун жола қилди.

Олиб ҳиммат асосин кирди йўлга,
Қўлин топшурди ул ҳимматли қулга.

Худо ул бандага қилди иноят,
Неча кун ўтмайин тобти валоят .

Ана хулқу, ана ҳилму, ана ҳол,
Ана давлат, ана нусрату иқбол.

Ана ҳиммат, ана хулқу, ана кор,
Ана табиййати султони аброр.

Ёмонларнинг ишидур гина тутмоқ,
Мусулмонлиғ ёмонлиғни унутмоқ.

Ўзининг нафсини ким айлаган қул,
Қилур ҳар кун хифо кўрса таҳаммул

Ва лекин бу таҳаммул айлаган нос,
Ҳамиятда керак чун қаттиғ олмос.

Ҳамият бобидин ўткармагай мард,
Агар чандики ул иш бўлса бир гард.

Ҳамият қайдидур билсанг беҳ тайин,
Назар айла «Китоби мужтаҳидин».

(«Саботул ожизин»)
 
АЛИШЕР НАВОИЙ

ҲИКОЯТ

Хожаи динпарвари олий насаб,
Ким отига Порсо эрди лақаб .

Макка сайрин олдида жазм айлади,
Каъбаи исломга азм айлади.

Хожа Абу Наср эрди хизматкор анга .
Ходиму фарзанду хосу ёр анга.

Чуи мушарраф бўлдилар мақсудқа,
Шукр зоҳир айлабон маъбудқа.

Қилдилар ҳар неки фарз эрди адо,
Халқиинг ҳажмини айларга дуо.

Ким қабул этгай ҳақ айлаб иттифоқ,
Хожани мажмуъ  кўрдилар йироқ.

Олти юз минг раҳнаварди ҳақшунос,
Хожага кўргуздилар бу илтимос.

Соҳиби «Қудоия» ву «Фаслул-хитоб»,
Ул жамоатқа деди мундоқ жавоб:

«Ким манга бу ишки тортибсиз рақам,
Мен худ ондин тошқари қўймон қадам.

Гар мунга боисдурур фазлу камол,
Олами инсоф аро беқилу қол.

Мендан ансабдур  бу иш Бу Насрга,
Ким дуо қилгай бу аҳли асрга».

Чун буянглиғ они таъриф айлади,
Эл дуосин анга таклиф айлади.

Хожанинг инсофин ул эҳсон била,
Эл қабул айлаб саросар жон била.

Хожа Бу Наср этти минбарни макон,
Эл дуосин айлабон вирди забон.

Тангри олдида муножот айлади,
Халқ учун изҳори ҳожат айлади.

Хожа минбарнинг тубин айлаб мақом,
Сидқ ила омим дер эрди бардавом.

Етгач охирга дуо бирла савол,
Деди сойил: — «Ки эй илоҳи зулжалол.

Кўрмасанг лойиқ дуо ойинини,
Қилмагил зоеъ онинг оминини?»

Олти юз минг халқдин чиқди нафир ,
Зор йиглаб ҳам сағиру ҳам кабир.

Офаринлар деб алар авсофига ,
Ҳам атову ҳам ўғул инсофига.

Мундин аҳсан кимсага йўқтур сифат,
Онгламас они жуз аҳли маърифат».

(«Лисонут тайр»)
 
МАШРАБ:

Бухоро, Бухоро метавон гуфт,
Баҳорашро зимистон метавон гуфт.
Баҳоуддин набқшанд дар Бухоро
Фарангу кофиристон метавон гуфт.

Мазмуни: Бухорони Бухоро деса бўлур, баҳорини қиш деса бўлур. Агар Баҳоуддин Бухорода бўлмаса, Фарангистону кофиристон деса бўлур.
(«Шоҳ Машраб қиссаси», Т., «Шарқ» — 1991 йил.)

БОБУР:

Хожалар хожаси ул Хожа Убайд,
Ходиму чокари Шиблийу Жунайд.
Ҳолату мартабаси зоҳирдур.
Васфу таърифида тил қосирдур.

«Ҳазрати Хожа Убайдулло Аҳрор, «Рисолайи волидия».
 
ОБИ ҲАЁТ ТОМЧИЛАРИ

Абдухолиқ Ғиждувонийнинг ўз мурид ва маслакдошларига қолдирган бебаҳо ҳикмат, сабоқлари — рашҳа (томчи)лар деярли саккиз юз йилдан бери ўз аҳамия-тини йўқотмай, бани башарга беминнат хизмат қилмоқда. XX асрнинг охирига келиб, пиримиз Абдухолиқ Ғиждувоий эгаллаган чўққи нақадар юксакда эканлиги, унга етмоқ учун эса ҳали инсоният кўп саъй-ҳаракат қилмоғи даркорлигига қайта-қайта имон келтиради киши.
Маҳмуд Ҳасанов форс тилидан Али Сафийнинг «Рашҳату-айнул ҳаёт» («Оби ҳаёт томчилари») асаридан айрим парчаларни ўзбекчага ўгирди («Фан ва Турмуш» 10-сон 1991 йил.). Мазкур рашҳалар Абдухолиқ Ғиждувоний ҳикматларидир. Авлиёи Кабир, Ҳазрат Баҳоуд-дин, Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор, Саъдуддин Кошғарий, Абдураҳмон Жомийлар томонидан шарҳланган ва ҳар томонлама ўрганилган.
Биринчи рашҳа «ҳуш дар дам» ҳисобланади. «Аҳли тариқатнинг ибодати чиққан ва кирган нафаслардан огоҳ бўлмоқлиқдир» дейдилар Боязид Бастомий. Саъдуддин Кошғарий «ҳуш дар дам»ни қуйидагича шарҳлаган: «Нафас олмоқ ва чиқармоқ ғафлат билан эмас, балки ҳузур ва огоҳлик юзасидан бўлиб, ҳар бир нафас Аллоҳ таоло зикри билан ўтсин».
Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор эса уқтирганларки, ҳар бир нафасни асраш ғоят муҳим, агар нафас огоҳлик билан олинса, ҳузурбахш бўлур. Ўз нафасини асрай олмаган (яъни, Аллоҳ зикридан бошқа ишларга нафасини сарфлаган) киши уни йўқотади. Нафасни беҳуда сарфлаган киши тариқатни қўлдан бой беради.
Ҳазрат Баҳоуддин деганларки, бу йўлда нафас ҳал этувчи омилдир. Яъни, нафас олаётганда хаёл на ўтмиш, на келажакка банд, балки хаёл ўтмиш ва келажак во-қеаларидан озод бўлиши керак. Нафасни олиш ва уни чиқариш, шунингдек, икки нафас ўртасини ғоят эҳтиёт қилиш зарур. Зеро, нафас ғофиллик билан кириб чиқмасин.
Рубоий:

«Эй манда зи баҳри илм бар соҳили айн,
Дар баҳр фароғат асту бар соҳил шайн.
Бардор сафойи назар зи мавжи кафнайн,
Огоҳ ба саҳар бош байн ун-нафсайн».

Мазмуни: Эй илм денгизига кирмай, унинг соҳилида қолган зот, фароғатни денгиздан топасан, соҳилда эса бахту саодат йўқ. Икки дунё жилвасига назар сол-май ҳар саҳар нафас олиш ва уни чиқариш орасида ҳушёр бўл.
Олмон адиби Гётенинг қуйидаги байтлари айнан мана шу рашҳалардаги ғоя таъсирида битилган:

Нафас олмоқ ҳамда чиқармоқ эрур,
Икки эҳсон, буни англамоқ зарур.
Бири сиқар, ўзгаси янги қувват,
Шулар сабаб ҳаёт гўзалдир ғоят.
Аллоҳга шукр де, нафас кирган он,
Шукур де нафасинг чиқарган замон.

«Хўш, нега айнан «ҳуш дар дам» рашҳаси биринчи ўринга қўйилган? Бунда бирор ҳикмат борми? Ундан кейинги, яъни «назар бар қадам» ни «хуш дар дам»дан олдин қўйсак бўлмайдими? Ҳамма гап шундаки, «хуш дар дам» машғулоти хаёлни Жиловлаш, фикрни бир жойга тўплашга қаратилган. Хаёлни жиловлаш эса осон эмас. У гоҳ ўтмишга, гоҳ келажакка биздан сўроқсиз сайр қилаверади. Хаёл кирмайдиган кўча, у кезмайдиган минтақа йўқ ҳисоб. Шу сабаб агар фикру хаёл жиловланиб, ёлғиз Аллоҳга қаратилмаса, солик кейинги рашҳаларга амал эта олмайди. Зеро, Абдухолиқ Ғиждувоний рашҳалари фақат тил зикрига эмас, дил зикрига асасланади. Қўлга тасбеҳни олиб, шунчаки тилда «Аллоҳ» деган билан мурод ҳосил бўлмайди. Ҳар нафасда тилни ҳам, дилни ҳам, фикрни ҳам Аллоҳ зикри, Аллоҳ ёди эгаллаши лозим.
Қўриниб турибдики, «хуш дар дам» рашҳаси кейинги рашҳаларга амал қилмоқ учун ҳал этувчи вазифани бажарар экан, шу боис у биринчи ўринга қўйилган.
Иккинчи рашҳанинг номи «назар бар қадам» бўлиб, унинг мазмуни шуки, солик назари доимо оёғи учига қаратилган бўлсин. Назар нолойиқ жойларга тушмасин.
Абдураҳмон Жомий «Туҳфатул аҳрор» асарларида Ҳазрат Баҳоуддинга атаб ёзган байтлари бор:

«Кам зада беҳамдами ҳуш дар дам,
Дар «агзашта назараш аз қадам.
Баски, зи худ карда ба суръат сафар,
Боз намонда қадамаш аз назар».

Мазмуни: У ҳушёрсиз бирор нафас олмади, назари эса доимо қадамига қаратилтан эди. У шу қадар катта суръат билан ўзлигидан узилиб сафар этдики, қадами ҳам назаридан ортда қолмади.
Сўфи Оллоёр «Саботул ожизин»да мазкур рашҳа тўғрисида ёзганлар:

Кел эй мўъмин, агар тарсанда бўлсанг,
Кўзингни сақлагил ҳар қайда бўлсанг.

Кўйи бўлсин ҳамиша нуқтаи чашм,
Мабодо бўлмагай бало тушуб ҳашм.

Назар қилгунча бад эй нафои маъюб,
Тушуб кўз нуқтаси кўр бўлгани хуб.

Саодатдур назар бўлса қадамда,
Тажовуз айлагач бўлса надамда .

Агар қои чашма бўлса, чашма эй меҳ,
Хатарлик ерга тушгандин эрур беҳ.

На хушдур дидаи тарсанда бўлсанг,
Ва гарна косасидин канда бўлсанг.

Иккинчи рашҳадан мурод—нигоҳни жиловлаш. Чунки, назар то ношоиста нарсаларга тушмаса, фикр бузилмайди, кўнгилда шайтон васвасаси авж олмайди. Демак, назар жиловланса, кўп гуноҳлардан одам тийилади.
Учинчи рашҳа «сафар дар ватан»дир, яъни соликнинг ўз табиатига сафари ҳисобланади. Ёмонликни тарк айлаб, яхшиликка юз тутиш, аста-секинлик билан одамийликдан фаришта сифатига кўчиш, бу рашҳадан кўзланган мақсад ҳисобланади. Зеро, Мавлоно Саъдуддин Кошғарий: «Иллатлардан қутулмаган одам қаерга борса ҳам ўзи билан ёмонлиги ҳамроҳдир» деганлар.
Соликни сафарда ё ўз жойида муқим туриши ҳақида тариқат пирларннинг фикри турличадир. Айримлари ибтидода сафар этиб охирида муқим турмоқликни тавсия этсалар, баъзилари ибтидода муқим бўлиб, охирда сафар қилмоқни жоиз деганлар. Яна шундайлар борки, ибтидода ҳам, интиҳода ҳам сафар қилмоқликни манъ этишган. Айримлари эса, ибтидода ҳам, интиҳода ҳам сафар қилаверинг, дейишган.
Лекин хожагонлар тариқатида, агар солик ибтидода сафар қилиб ҳақиқий шайхга дуч келса, ул шайхнинг ҳузурида муқим туради. Агар шундай шайх ўз юртида топилса, умуман сафар қилинмайди, деб таълим берилган.
Убайдуллоҳ Аҳрор фикрича, ибтидода сафар қилувчи солик ҳеч қандай фойда олмайди, балки вақтини беҳуда ўтказади, паришонликдан бошқа нарсага муяссар бўлмайди. Солик бирор азизнинг суҳбатига эришса, азиз этагини маҳкам тутиб, чидам ва ихлос билан то камолга етмагунча қимирламасин.
Бир киши Боязиддан сўради: «Бу толиблар йўл юрмакдин бир дами ором. олмайдирлар?» Боязид деди: «Мақсуд ва матлуб муқимдур. Мусофир эрмас, муқимни сафардан изламоқ яхши эмас».
Бу ривоят ҳам далолат бериб турибдики, муроду мақсадга «ватаннинг ўзида сафар» қилиб, яъни муқим туриб ҳам эришса бўлади.
Рубоий:

«Ё раб чи хуш аст бе даҳан хандидан,
Бевоситаи чашм жаҳонро дидан.
Бенишин, сафар кун, ки бағоят хуб аст,
Безаҳмати по гирди жаҳон гардидан».

Мазмуни: Ё раб! Оғизсиз (яъни ичдан) кулмоқ нақадар яхши, кўзни очмай (яъни кўзсиз) бутун жаҳонни кўриб турмоқ нақадар соз! Бир жойда қимирламай туриб оёқсиз бутун дунёни кезиб чиқмоқ нақадар яхшидур.
Абдураҳмон Жомийнинг «Шиққат ул ламъаст» рисолаларида қуйидаги байт келтирилиб шарҳланган:

«Ойинаи суврат аз сафар дур аст,
Ки он пазиройи суврат аз нур аст».

Ўзида сувратни қабул қилувчи ойна суврат сари сафар қилмайди. Негаки, у нур туфайли сувратни қабул қилур (яъни унда сувратнинг ўзи тажаллий этур).
Шунга ўхшаб, юрак ҳам ўзини поклай олса, дунёвий нарсалардан кечса, софлик билан безанса, ҳар қандай тамаъ, беҳуда ҳаваслардан кечса, ундай юракда Аллоҳ нури тажаллий этади ва шундан кейин бундай одамга сафар этмоқ даркор эмас. Чунки юрак сайқалланган бўлса, сафарга эҳтиёж қолмайди.
Тўртинчи рашҳа «хилват дар анжуман»дир. Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанддин сўрадиларки, сизнииг тариқингиз биноси не ишгадур? Дедиларки, анжуманда хилват; зоҳир юзидин халқ била ва ботин тарафидин Ҳақ Субҳонаҳу ва Таоло билан. Байт:

«Аз дарун шав ошнову ва-з берун бегонаваш,
Ин чунин зебо равиш кам мебувад андар жаҳон».

Мазмуни: юракдан Аллоҳ таоло билан ошно бўлу ташқаридан эса (яъни ўзгалар назарида) гўё бегонадай ўзни тут.
Қуръони каримда Аллоҳ таоло дебдурки: «Шахслар борки, олди-сотди вақтида ҳам Тангрини эслашдан фориғ бўлмайдилар (Алишер Навоий).
Хожа Авлиёи Кабир дейдиларки, зокир зикрга шу даражада берилсинки, ҳатто бозорда бўлганда ҳам шовқин-сурон унинг қулоғига кирмасин, ҳеч қандай ташқи ҳодиса уни зикрдан чалиитмасин.
Убайдуллоҳ Аҳрор фикрларича, зикр машғулотига қаттиқ берилиш билан беш-олти кун ичида шундай даражага етишиш мумкинки, одамлариинг ҳар қандай гаплари зокир қулоғига зикрдай туюлади ва ўзи ҳам неки деса, зикр каби булади. Бу даражага етмоқ учун эса қаттиқ сайъ-ҳаракат даркор.
«Хилват дар анжуман»дан олидаан сабоқ шуки, солик дунёвий иш билан машгул бўлса-да, Аллоҳни унутмасин. Зеро, ҳазрат Баҳоуддиннинг: «Дил ба ёру даст ба кор!» шиорларидан ҳам мақсад худди шудир. Кўнглинг Аллоҳ ёди билан, қўлинг меҳнат билан банд бўлсин. Яна шуни ҳам таъкидлаш жоизки, тариқат одамлардан четлашишни. кишилар суҳбатидан қочишни тарғиб қилмайди, балки зоҳир томонидан одамлар билан, ботин томондан Аллоҳ билан бўлиш лозимлигини уқтиради. Бешинчи рашҳа «Ёдкард» ҳисобланади. Ёдкард иккига — тил ва дил зикрига бўлинади.
Мавлоно Саъдуддин Кошғарий айтадиларки, зикр таълими қуйидагича берилади: аввал шайх дили билан: «Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ», дейди. Мурид эса бутун диққатини бир жойга жамлаб, юрагини шайх юраги рўпарасига тутиб, оғзини маҳкам юмиб, нафас олмай, ихлос ва ички қувват билан юқоридаги зикрни такрорлай бошлайди. Мурид бу зикрни тили билан эмас, балки кўнгил билан айтади. Бир нафасда уч мартабагача мазкур калима такрорланади. Шундан кейин зикр ҳаловатини туйиш мумкин.
Демак; «ҳуш дар дам», «назар бар қадам», «сафар дар ватан», «хилват дар анжуман» рашҳалари «Ёдкард» га ўтиш учун тайёргарлик босқичи ҳисобланади. «Ёдкард» Аллоҳ зикрини қалбда нақшлашда асосий омилдир.
Олтинчи рашҳа «Бозгашт» бўлиб, зокир тили «дили» билан калимайи тайиба (ла илаҳа) ни айтгандан сўнг: «Илоҳи анта мақсуди ва ризока матлуби», яъни: «Парвардигоро, сен менинг мақсадимсан ва сенинг ризоинг менинг талабимдир», дейди. Мана шу калима зокирни ҳар хил яхши ё ёмон фикрлардан сақлайди, яъни фикр бўлинмайди, Аллоҳ зикридан чалғимайди.
Агар зокир қалби «Бозгашт» зикрини такрорлаганда қониқмаса, ундан ташвишланмасин, балки зикрида давом этаверсин. Бора-бора зикр теранлашиб, солик зикр ҳаловатини ҳис қилади.
Еттинчи рашҳа «Нигоҳдошт» деб номланган. Солик ўз хаёлини бошқа нарсалардан муҳофаза этиши керак. Калимаи тойиба бкр нафасда неча марта такрорланса, шу вақт мобайнида ҳаёлни ўзга фикрлардан асраш зарур.
Мавлоно Саъдуддин Кошғарий деганларки, зикр пайти икки ё уч соатдан кўпроқ вақт киши ўз хаёлини муҳофаза этсин. Зикр тугагандан сўнг эса бошқа фикрлар билан банд бўлиш мумкин. *
Хожа Убайдуллоҳ Аҳрорнинг асҳобларидан бири Мавлоно Қосимнинг ёзишларича, Хожа Убайдуллоҳ саҳардан чошгоҳгача ўз хаёлларини муҳофаза қила олиш даражасига етган экан.
Бу босқичга сидқу эътиқод, қаттиқ меҳнат билан етишиш мумкин. Бу босқич зокирнинг камолот даражасини белгилайди.
Саккизинчи рашҳа — «Ёддошт». Юрак доимо Аллоҳ таолони завқ билан ёдда тутиши ва Ҳақ таолодан ҳамиша огоҳ бўлиши керак. Айрим машойихлар бу ҳолни «ғойиб бўлмас ҳузур» деб атаганлар. Бутун кўнгилни Ҳақ таоло муҳаббати қамраб олиши даркор.
Ҳазрат Убайдуллоҳ Аҳрор охирги тўрт рашҳани қуйидагича қисқа шарҳлаган: ёдкард—зикрда қаттиқ ҳаракат қилиш, бозгашт — Ҳақ Субҳонаҳу ва таолога юз-ланиб, ҳар гал калимайи тойибани айтганда: «Худовандо, мақсудим сенсан, дейишдир, нигоҳдошт — тил билан эмас, балки дил билан зикр этиш, ёддошт — нигоҳдоштда мустаҳкам туришдир.
Абдухолиқ Ғнждувонийнинг бу рашҳалари Али Сафийнинг «Рашаҳоту айнул ҳаёт» асарларидан олниди. Бу асардан парча Маҳмуд Хасанов томонидан таржима килинган. Биз шу таржимадан фойдаландик.
 
НАҚШБАНДИЯ ТАРИҚАТИНИНГ УСУЛ ВА ОДОБИ

1991 йилнинг сентябрь ойида Истанбулдан нақшбандия тариқатининг пири муршиди Маҳмуд Асъад Жўшан ҳазратлари бир гуруҳ муридлари билан Бухорои шарифга келдилар. Улар Абдухолиқ Ғиждувоний, ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд мозорларини зиёрат қилдилар. Мир Араб мадрасаси мударрислари билан учрашдилар.
Маҳмуд Асъад Жўшан Истанбул Ислом дорулфунунининг профессори, сўфийлик тариқати бўйича бир неча қимматли китоблар, тадқиқотлар муаллифи ҳисобланадилар. Ул зот араб, форс, инглиз, олмон тилларини мукаммал билади. Маҳмуд Асъад Жўшан ҳазратлари Мир Араб мадрасасининг мударриси, Бухоро ви-лояти бош имом хатиби Ҳожи Абдуғофир Бухорий билан учрашиб, «Нақшбандия тариқатининг усул ва «Силсилаи шариф» ни тортиқ қилиб, уни жумҳуриятимиздаги ҳазрат Баҳоуддин тариқати билан қизиқувчиларга, шу-нингдек, тариқат муридларига етказмоқ учун фотиҳа бердилар.
Маҳмуд Асъад Жўшан ҳазратлари иақшбандия, қодирия, қубровия, чиштия, суҳравардия ва бошқа тариқатларнинг билимдони, етук мутахассиси сифатида маъ-лум ва машҳурдир.
Биз нақшбандия тариқати усул ва одобини ва «Силсилаи шариф» ни Маҳмуд Асъад Жўшан ҳазратлари берган қоидага риоя этган ҳолда баён этурмиз.
Нақшбандия тариқати усул ва одоби қуйидагичадир:

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Нақшбандия тариқатига кирмоқчи бўлганлар қуйидагиларга амал этмоғи керак. Эрта тонгда тоза таҳорат олгандан сўнг бомдод намозидан кейин қиблага қараб ўтирилади. 25 марта истиғфор (Астағфуруллоҳал аъзим) айтилади. Бир марта «Фотиҳа» сураси, уч марта «Ихлос» сураси ўқилади. Ҳосил бўлган савобни пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом руҳи шарифларига, қолган пайгамбарларнинг жумла авлодларига, аҳлу аёлларига, асҳобларига ва Баҳоуддин Нақшбанд Ҳазратлари, Мавлоно Холид Бағдодий руҳларига бахшида айладим дейилади.
Сўнг кўз юмилади ва умрнинг сўнгги нафаси тасаввур4 қилинади. Мана, Ҳазрат Азроил келдилар. Калимаи шаҳодатни тилимизда такрорлаймиз: Ашҳаду ал ла ила-ҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва росулуҳ. Ҳазрат Азроил жонимизни олдиларда, охиратдаги жойимизни кўрсатдилар. Шу пайт жон дерки, бу жасад бирлан шунча йил бирга яшадим. Энди эса ундан айрилдим, жасаднинг ҳоли не кечади?
Дўстларимиз, хешу ақраболаримиз мурдамиз атрофида йиғилиб йиғлайдилар. Мурдамизни ювадилар, кафанлайдилар ва жаноза ўқиб, қабристонга элтишиб, лаҳад ичига қўйиб, тарқалишади. Кейин... Кейин Ҳақ таолонинг икки сўроқчиси (Мункар ва Накир исмли фаришта) бизни сўроққа тутади: Ма Раббука (Раббинг ким)? Ва ман Набийюка (пайғамбаринг ким)? Ва ма китабука (китобинг қайси)? Ва ма динука (Дининг қанақа)? Ва ма қиблатука (Қибланг қаер)?...
Жавоб берамиз: Раббим Аллоҳ, пайғамбарим Муҳаммад алайҳиссалом, китобим Қуръон, диним ислом, қиблам Каъбаи шариф.
Шундай жавоб бериш илоҳи ҳаммамизга насиб этсин.
Шундан сўнг сўроқчилар: Аллоҳ сенга жаннатни муборак этсин, деб кетадилар. Қабримиз, иншаллоҳ, жаннат тимсолини олур.
Пирларимиз хабар берурлар, авлодларимиздан фалон киши келмиш дерлар. Биздан олдин ўтган хешу ақраболаримиз келиб бизни кутиб оларлар ва у оламда бирга бўлурмиз.
Бу машғулот «Робитаи мавт» (ўлим билан боғланиш) деб аталади. Ўлимимиз ҳақида ҳар куни ўйлаймиз, уни тўлиқ тасаввур этамиз. Бу 10—15 дақиқа вақтни олади.
Иккинчи машғулот «Робитаи муршид» (пир билан боғланиш) дир.
Бизнинг пиримиз ҳазрати Холид. Ул зот бағдодлик, қабрлари эса Шомда. У киши йирик гавдали, қирра бурунли, қора соқолли, соқолларининг орасида бир оз оқи бор, нуроний юзли бир зоти муҳтарамдир. Қаршимизда у кишининг ўтирганларни, ёнларида ҳазрат Муҳаммад Мустафо саллоллоҳу алайҳи васаллам ўтирганларини тасаввур этамиз. Файзи илоҳий уларнинг қалбларидан ўзимизнинг юракларимизга кўчиб ўтаётганини ҳис қиламиз. Уларнинг қалбларидан келадиган файзни бир неча дақиқа интнзор бўлиб кутамиз. Сўнгра уни қалбга жо қиламиз. Чунки кўнгил Аллоҳ таолонинг назаргоҳидир. Аллоҳ қулнинг кўнглида тажаллий этур. Қалб нур оламидир, у нур оламини биз ҳам кўра оламиз. Ҳар тарафимиз нурга эврилиб, қаршимизда нурдан Аллоҳ исми шарифининг ёзуви пайдо бўлади.
Бир муддатдан сўнг: «Ё Раббий, ер Сеники, кўк Сеники! Кўкда, ерда не бўлса, ҳаммаси Сеники, Мен ҳам Сенинг ожиз ва гуноҳкор қулингман... мени авф эт, мағ-рифат айла. Мен сенинг зикрингда зокир, неъматларинг шукрида шокир. Сен севган ва рози бўлган қулларинг орасига мени қабул айла?» деб ичимизда тазарру ва ниёз этамиз. Кейин тасбеҳимизни қўлимизга оламиз ва маъноларни тушуниб, қуйидагиларни такрорлаймиз.
Бу эса учинчи қисм — «Зикр» қисмидир:
1. 100 маротаба «Астағфуруллоҳал аъзим».
2. 100 маротаба «Ла илаҳа иллаллоҳ».
3. 100 маротаба «Аллоҳ». Бу муборак сўз беш минг мартагача етказилади. Ҳар юз бор айтилганда «Илоҳи анта мақсуди ва ризока матлуби», яъни Парвардигоро, Сен менинг мақсадимсан ва Сенинг ризоинг менинг талабимдир, деймиз.
4. 100 маротаба «Саловоти шариф» — «Аллоҳума салли ва барик» ни ўқимоқ афзал (ёки «Аллоҳума солли ала саййидина Муҳаммадин ва ала оли саййидина Муҳаммад»).
5. 100 марта «Ихлос» сураси («бисмиллаҳ билан қул ҳуваллоҳу аҳад) ўқилади.

Энди яна қандай амалларга риоя этмоқ керак?
1. Жамоа билан намоз ўқимоққа одат қилмоқ.
Бомдод намозидан кейин зикр, аврод ўқимоқ, Қуръон қироати билан машғул бўлиб, қуёш чиққандан сўнг, яъни 45 дақиқа ўтгач икки ракаат ишроқ намозини ўқимоқ лозим.
2. Қуёш юксалгандан сўнг, яъни соат 10—11 ларда 4 ракаатдан 8 ракаатгача зуҳо (чошгоҳ) намозини ўқимоқ.
3. Шом намозидан кейин 6 ракаат (2x2X2 ёки 2X4) аввобин (тавба қилувчилар) намозини адо этиш даркор.
4. Ухлашдан олдин таҳорат олиб, камида 4 ракаат (2x2) нафл намозини ўқиш.
5. Кечалари таҳажжуд (ярим кечада ўқиладиган) намозини адо этмоқ (саккиз ракаатдаи ўн икки ракаатгача).

Душанба ва пайшанба кунлари рўза тутмоқ ва бошқа нафл рўзаларига риоя этмоқ тавсия қилинади.
Кишиларнинг ишига аралашмаслик, ғийбат ва ёлғонларга қатъиян қўшилмаслик, қазо бўлган намоз ва рўзаларни адо этиш, турли гуноҳ ишлардан сақланмоқлик талаб қилинади.
Аллоҳ муборак этсин. Аллоҳ таоло кўнглимизни истиқоматдан, тариқатдан, ҳақиқатдан айирмасин. Омин!
Охирида ўн марта «Фотиҳа» сураси ўқилади.
 
СИЛСИЛАИ ШАРИФ

1. Саййиди коинот ҳазрат Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам.
2. Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу)
3. Ҳазрати Салмон Форсий (розииллоҳу анҳу).
4.Ҳазрати Қосим ибн Муҳаммад (розияллоҳу анҳу).
5. Ҳазрати Жаъфари Содиқ (розияллоҳу анҳу).
6. Ҳазрати Боязид Бастомий (қуддиса сирруҳу).
7. Ҳазрати Абул Ҳасан Ҳараконий (қуддиса сирруҳу).
8. Ҳазрати Абу Али ал-Фармадий (қуддиса сирруҳу).
9. Ҳазрати Юсуф Ҳамадоний (қуддиса сирруҳу).
10. Ҳазрати Абдухолиқ Ғиждувоний (қуддиса сирруҳу).
11. Ҳазрати Ориф ар Ревгарий (қуддиса сирруҳу).
12. Ҳазрати Маҳмуд Анжир ал Фағнавий (қуддиса сирруҳу).
 13 Ҳазрати Али ар-Рометаний (қуддиса сирруҳу).
14. Ҳазрати Муҳаммад Бобойи Самосий (қуддиса сирруҳу).
15. Ҳазрати Мир Кулол (қуддиса сирруҳу).
16. Ҳазрати Шохи Нақшбанд Баҳоуддин Увайсий ал Бухорий (қуддиса сирруҳу).
17. Ҳазрати Алоуддин Аттор (қуддиса сирруҳу).
18. Ҳазрати Ёқуб ал-Чархий (қуддиса сирруҳу).
19. Ҳазрати Убайдуллоҳ Ахрор (қуддиса сирруҳу).
20. Ҳазрати Мухаммад Зоҳид (қуддиса сирруҳу).
21. Ҳазрати Муҳаммад Дарвеш (қуддиса сирруҳу).
22. Ҳазрати Хўжайи ал-Амканагий (қуддиса сирруҳу).
23. Ҳазрати Муҳаммад Боқий (қуддиса сирруҳу).
24. Ҳазрати Имом Раббоний Мужоаддин алфи соний Аҳмад Фаруҳ ас-Сарҳандий (қуддиса сирруҳу).
25. Ҳазрати Муҳаммад Масъум (қуддиса сирруҳу).
26. Ҳазрати Шайх Сайфуддин (қуддиса сирруҳу).
27. Ҳазрати Саййид Нури Муҳаммад ал-Бадвоний (қуддиса сирруҳу).
28. Ҳазрати Шамсуддин Жони Жонон Мазҳар (қуддиса сирруҳу).
29.Ҳазрати шайх Абдулла ад-Деҳлавий (қуддиса сирруҳу).
30. Ҳазрати Мавлоно Зиёвуддин Холид ал-Бағдодий (қуддиса сирруҳу).
31. Ҳазрати Аҳмад ибн Сулаймон Холид Ҳасан ас-Сомий
(қуддиса сирруҳу).
32. Ҳазрати Аҳмад Зиёвуддин ал-Кумушҳанавий (қуддиса сирруҳу).
33. Ҳазрати Ҳасан ал-Кастамоний (қуддиса сирруҳу).
34. Ҳазрати Исмоил Нажотий ас-Сағфиранболий (қуддиса сирруҳу).
35. Ҳазрати Умар Зиёуддин ад-Доғистоний (қуддиса сирруху).
36. Ҳазрати Мустафо Файзий ибн Амрулло ат-Такфурдогий (қуддиса сирруху).
37. Ҳазрати Ҳасиб ас-Шерозии (қуддиса сирруҳу).
38. Ҳазрат Абдулазиз ал-Косоний (қуддиса сирруҳу).
39. Ҳазрат Муҳаммад Зоҳир ибн Иброҳим ал Бурсоний (қуддиса сирруҳу).
 
ИЗОҲЛАР

Муҳамад алайҳиссалом (570—632) — Сарвари Коинот, пайғамбар, Маккада туғилиб, Мадинада марҳум бўлганлар.
Абу Бакр Сиддиқ (572—634) — халифаи рошидин.
Салмони Форсий — 655 йил вафот қилган, пайғамбар алайҳиссалом саҳобалари.
Қосим ибн Муҳаммад— 634 йил вафот қилган.
Жаъфари Содиқ — 700— 765 йил.
Боязид Бастомий — вафоти 961 йил вафот қилган, исми Тайфур ибн Исо.
Абул Ҳасан Харақоний— вафоти 1033 йил.
Юсуф Ҳамадоний— вафоти 1140 йил. Юсуф Ҳамадонийдан Ҳасан Андоқий, Абдулло Барқий, Аҳмад Яссавий, Абдухолиқ Ғиждувоний таълим олган.
Абдухолиқ Ғиждувоний (1103—1179) — Ғиждувонда туғилиб, шу ерда вафот қилган. Мозори Ғиждувонда машҳур зиёратгоҳдир. «Рисолан соҳибия», «Рисолаи шайхуш шуййух Ҳазрати Абу Юсуф Ҳамадоний», «Мақомоти Хўжа Юсуф Ҳамадоннй» номли китоблар муаллифи ҳисобланади.
Ориф ар-Ревгарий (XII—XIII аср) — Шофирконда туғилган, қабри Шофиркондадир. Хожа Ориф Моҳя Тобон номи билан машҳур.
Маҳмуд Анжир ал-Фағнавий (XII—XIII аср) — вобкентлик. Қабри Вобкентдаги Анжир Фағнавий мавзеида.
Хўжа Али Рометаний (XIII—XIV аср) — Хожаи Азизон номи билан машҳур. Рометанлик, қабри Рометандадир.
Муҳаммад Бобойи Самосий— 1354 йил вафот қилган. Мозори Рометаннинг Самос (Симос) қишлоғида.
Саййид Мир Кулол (XIV аср) — Сухор қишлоғида туғилган. Сухорда дафн қилинган (Бухородаги Қогон туманида).
Баҳоуудин Накшбанд (1318—1389) — Бухоро яқинидаги Қасри Орифонда туғилган (Когон тумани), мозори шу ердадир.
Алоуддин Аттор—1400 йил вафот қилган. Ҳазрат Баҳоуддиннинг биринчн халифа (ўринбосар)идир. Алоуддин Атторнинг исми Муҳаммад иби Муҳаммад ал-Бухорийдир. Бу зоти шарифнинг қабри Ҳисори шодмон (Душанбе) вилояти, Чағониён тумани, Даҳинав қишлоғида.
Хўжа Порсо (1345—1419) — Ҳазрат Баҳоуддиннинг иккинчи халифаси. «Анис ат толибин», «Рисолаи қудсия», «Таъруф» ва бошқа китобларнинг муаллифи. Бу зоти шарифнинг тўлиқ исми Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Ҳофиз ал-Бухорийдир. Мозори Мадинада.
Саъдуддин Қошғарий—1456 йил вафот қилган.
Қусам Шайх (XIV аср) — турк машойихи, қабри Қаршида.
Халил Ота (XVI аср) — турк машойихи, мозори Қашқадарёнинг Нахшаб тумани, Деҳая Шуллуконида.
Яъқуб Чархий - 1447 йил вафот қилганлар. Афғонистонлик. Кабри Душанбеда. Мавлоно номи билан машҳур. Шоуллоҳ Аҳрор (1400-1448)-қабри Самарқандда.
Муҳаммад Боқий Кобулий-1605 йил вафот этган, Хўжаи Боқибулло номи билан машҳур.
Имоми Раббоний Мужоуддин алфи Соний Аҳмад Фарруҳ ас-Саҳиндий 1563-1625 й.

Qayd etilgan