Sadriddin Ayniy. Sudxo'rning o'limi (qissa)  ( 17266 marta o'qilgan) Chop etish

1 B


AbdulAziz  17 Iyul 2010, 12:32:41

Sadriddin Ayniy. Sudxo'rning o'limi (qissa)



Muallif: Sadriddin Ayniy
Hajmi: 796 Kb
Fayl tipi: pdf, zip
Saqlab olish
Online o'qish

Qayd etilgan


Ansora  21 Iyul 2010, 15:14:27

САДРИДДИН АЙНИЙ

СУДХЎРНИНГ
ЎЛИМИ


(қисса)


ТОШКЕНТ
«ЎҚИТУВЧИ»
1982


I

1895 йилда Бухоро мадрасаларидан ўзимга бир турар жой ахтарар эдим. Қанча югурсам-елсам ҳам тезликда бирон ҳужра қўлга кирмади. Ўша пайтларда бир дўстим менга маслаҳат йўли билан:
— Қори «Ишкамба» деган бир одам бор, у бир неча зархарид ҳужрага эгадир. Агар ундан сўрасанг, вақтинча турмоқ учун ўз ҳужраларидан бирини сенга берар, — деди.
Дўстимнинг бу маслаҳати менинг диққатимни у одамнинг менга ҳужра бериши ё бермаслигидан кўра кўпроқ унинг номи томонига тортди:
— Қори-Ишкамба?!
Ҳақиқатан, қизиқ бир ном, ҳайвонларнинг ошқозонини «ишкамба» дейдилар. Қандай муносабат билан, одамга «Ишкамба» номи берганлар?
Бу таажжубимни у дўстимга айтиб, ундан изоҳ сўрадим. Дўстим тушунтириб берди:
— У одамнинг номи Қори Исмат. Аммо баъзилар «Қори Исмати Ишкам», баъзилар «Қори Исмати Ишкамба» ва баъзи бирлар қисқартириб «Қори-Ишкамба» дейдилар. Бунинг сабабини билмайман. Лекин ажаб эмаски, у одамнинг қорни жуда катта бўлганлигидан шу лақабни унинг номига қўшган бўлсалар-у, бора-бора, лақаб ном ўрнига ўтиб қолган бўлса.
— Халқ «Ишкамба» лақабига лойиқ кўрган одамдан бирор яхшилик умид қилиб бўлмаса ҳам, — дедим дўстимга, — сиз мени у билан таништиринг, мен ундан «бўлса бўлар, бўлмаса ғовлаб кетар» қабилида бир ҳужра сўраб кўраман. Берса-ку, жуда яхши, бермаса ҳам зарари йўқ, аммо «Ишкамба-одам»нинг қандай махлуқ эканини бир кўриб қолай.
— Ўзим у билан шахсан таниш эмасманки, сени таништирсам, — деди дўстим, — фақат дуч келган вақтда кўча-кўйда сенга кўрсата оламан, ундан кейин ўзинг йўлини топиб танишиб оласан. Мен рози бўлдим.

II

Кунлардан бир куни дўстим билан Бухоронинг Лаби ҳовузи Девонбегисида саёҳат қилиб юриб эдик, дўстим сартарошхонага кираётган бир одамни менга кўрсатиб:
— Ана шу одам «Қори-Ишкамба», — деди.
Мен унинг фақат орқасидан кўриб қолдим афти башарасига кўзим тушмади.
— Ундай бўлса мен шу ерда қоламан, агар ўнқови келса танишиб, ҳужра сўрайман, бўлмаса афтини таниб олиб, келажак учун йўл ҳозирлайман, — деб дўстимдан ажралдим.
Мен Қори-Ишкамба кирган сартарошхонанинг олдига бориб, супачада ўтирдим ва ўзига билдирмасдан уни кўздан кечира бошладим.
У ўрта бўйли, қорни катта, семиз, бўйни калта ва йўғон, боши ҳам катта ва сергўшт бир одам эди, бўйнининг йўғонлиги ва юзининг сергўштлиги шу даражада эдики, унинг гавдаси сув тўлдирилтан мешдай текис кўринар эди. Агар унинг қалин соқоли ва сочи олиниб, кийимлари ҳам ечилиб ташланса, нортуянинг ошқозонига ўхшаб қолар эди, фақат фарқи шундаки, бу туянинт ошқозонидан каттароқ ва туси ҳам қизғишроқ бўлиб, ою куни тўлган семиз, туллаган кекса бўғоз чўчқанинг худди ўзи бўлиб қолар эди.
Бундай қиёфани кўрган ҳамон меиинг кўнглимга, «Ажаб эмаски, халқ бу одамнинг қорни катталиги учун эмас, балки гавдасининг юм-юмалоқлиги учун унга «Ишкамба» лақабини муносиб кўрган бўлса», деган фикр келди.
Дуруст, бу одамнинг қорни бошқа одамларнинг қоринларидан кўра жуда катта эди, лекин гавдасининг бошқа жойлари, ҳатто бўйни ва юзлари ҳам шундай йўғон ва семиз эдики, унинг аъзойи бадани шу катта қорин билан теп-текис бўлиб кетган эди. Соч олдириш навбати Қори-Ишкамбага етди. Сартарош устарасини қайраб туриб:
— Қани, бу ерга марҳамат қилинг, — деб унга ойнанинг олдидаги курсини кўрсатди.
Қори-Ишкамба гавдасининг оғирлигиданми ё бирон касаллиги сабабиданми, зўрға ўрнидан турди. Лекин юзининг ялтираб, қизариб турганидан, унинг семизликдан бошқа касали йўқлиги билинар эди.
У ўрнидан туриб, узоқ эснагандан кейин икки қўллаб салласини бошидан олди ва сартарошхонанинг деворидаги лунгилар осилган қозиққа илиб қўймоқчи бўлди.
Лекин сартарош бунга йўл қўймади ва чаққонлик билан қўлидаги устара ва қайроқни ойна олдидаги жавон устига қўйди-да;саллани икки қўллаб Қори-Ишкамбанинг қўлидан ола туриб:
— Саллангиз шундай катта ва оғирки, агар у ерга илсангиз, қозиқ синиб, лунгилар ерга тушиб, тупроққа беланган бўлур эди, — деди ва саллани супача устига қўйди.
— Хайриятки, — деди Қори-Ишкамба, — лунгиларингиз туфайли менинг салламни ҳам тупроққа беланишдан қутқардингиз, бўлмаса беш мисқол совунга куйган бўлар эдим.
— Сизнинг саллангиз тупроққа тушса ҳеч бир зарарланмас эди, — деди сартарош, — кўпдан бери жомашов юзини кўрмаган бўлса керакки, тупроқдан ҳам фарқсизроқ ҳолга келган.
Хақиқатан ҳам, Қори-Ишкамбанинг салласи печларига қозон сочиқ қистириб ўрагандек, парча-парча қора доғлар кўринар эди.
Мен ўйлардим: «Бир салла қанча катта ва қандай оғир бўлса ҳам, қозиқни синдиролмаслиги аниқ». Буни сартарош ҳам яхши билар эди; аммо унинг саллани қозиққа илдирмасликдан мақсади, унинг кирини лунгиларга юқтирмаслик эди. .
— Бундай катта саллани ҳафтада бир жомашовга солиш мумкин эмас,—деди Қори-Ишкамба, — у ҳолда совуннинг уйи куяди.
— Нега бўлмаса кичикроқ қилмайсиз? Қичикроқ бўлса-ку, дока ҳам озроқ кетади, совун ҳам кўп сарф бўлмайди, — деди сартарош.
— Бу саллам — йиртиш олувчи салла, — деди Қори-Ишкамба жавобида, — буни бошимга ўраб мозорбошида, ўликларни кўмаётган чоғда ҳозир бўлсам бошқа одамларга бир газдан йиртиш бераётган бўлсалар, менга икки газ берадилар.
Сартарош гапира-гапира устарани қайраб олди. Устара билан ўз билагидаги жунларии тарошлаб, ўткирлигини синаб кўргандан кейин, Қори-Ишкамбанинг бўйнига лунгини ўраб яна гапира бошлади:
— Сизни танимаганлар албатта жанозаларига хабар қилмайдилар, танийдиганлар бўлса хоҳ саллангиз катта бўлсин, хоҳ кичик бўлсин, сизга муносиб кўрилган ўлчамда йиртиш берадилар. Бунинг учун саллани катта қилиб, докани нобуд қилиш нега керак?
— Сиз содда экансиз, — деди Қори-Ишкамба, — агар, мени жанозаларига хабар қиладиган ўликларнинг йиртишларига қараб турсам, соч олдириш пулини қаердан топаман? Мен кунда пешин намози вақтида Девонбеги хонақоҳининг саҳнида ҳозир бўламан. Жаноза ўқиш учун у ерга келтирилган ҳар бир ўликнинг (таниш бўлсин, бўлмасин) «худойи» жанозасини ўқиб, унинг орқасидан қабристонгача бораман ва насибага яраша йиртиш олиб қайтаман. Агар ўлик эгалари мени танимасалар яна ҳам яхшироқ, у вақтда салламнинг катталигига қараб каттароқ йиртиш берадилар.
— Сиз соч олдириш учун ортиқча пул ҳам тўламайсиз-ку, унинг ташвишини чекиб нима қиласиз? — деди сартарош бир кафт сувни Қори-Ишкамбанинг бошига қуйиб, сочларини ишқалаб тургани ҳолда, — бошқа одамлар ҳафта-ўн кунда соч олдириб турсалар, сиз икки ойда бир марта соч олдирасиз, устара ҳақини ҳам бошқалар берадиганнинг ярмисича бериб қочасиз.
Қори-Ишкамба бир оз зарда қилиб, бошини сартарошнинг қўли остидан тортди ва бўйини чўзиб, бошини кўтариб, кўзини сартарошнинг юзига тикиб, деди:
— Мен хоҳ ҳафтада бир марта соч олдирай, хоҳ икки ойда бир, бунинг сизга ҳеч бир алоқаси йўқ. Менинг сочим хоҳ ўсиб кетган бўлсин, хоҳ ўсмаган бўлсин, сиз бир марта устара урасиз, узун соч учун икки марта устара ишлатмайсизки, меҳнатингиз ортиқ сарф бўлса, Агар мен соч олдириш ҳақини бошқалардан кўра камроқ берсам, бу тўғрида шикоят қйлишга ҳақингиз йўқ, чунки ўзингиз кўриб турибсизки, бошимнинг ярмиси сочсиздир ва сиз у ерга ҳеч бир устара урмайсиз..
Мен Қори-Ишкамбанинг кейинги сўзларидан огоҳланиб, унинг бошига қарадим, дарҳақиқат бошининг тепаси сочсиз ва териси бурма-бурма бўлиб, қотиб қолган экан.
Сартарош Қори-Ишкамбанинг бузилган кайфини тарқатиш учун бўлса керак узр оҳанги билан:
— Мен ҳазил қилдим, Қори амаки, — деди, — хоҳ кўп ҳақ беринг, хоҳ оз, сизнинг пулингиз табаррук. Икки бошдан мен бой бўлмайман, қайси сартарош ё косиб бой бўлганки, мен бой бўлар эдим.
— Бойлик, қашшоқлик худодан, — деди Қори-Ишкамба ишонтирувчи бир оҳанг билан, лекин унинг масхаралаб, илжайиб туришидан ўзининг ҳалиги сўзига ишонмаганлиги билиниб турарди.
Сартарош Қори-Ишкамбанинг сочини олиб бўлди, лунгини унинг бўйнидан олиб, бир чеккада турган қути устига олиб бориб қоқди. Лунгини сочлардан тозалаб, қайта бошдан Қорининг бўйнига ўраб, унинг бошига сув қуймоқчи бўлганида:
— Керакмас, — деди Қори-Ишкамба, — мўйловимни қайчиласангиз бас, бошнинг кирини тозалаттиришга фурсатим йўқ.
— Нега? Бирон жанозанинг вақти яқинлашдимики, мунча шошиласиз?
— Жаноза учраса соат ўн иккиларда хонақоҳ саҳнида учрайди, — деди Қори ва сартарошхонанинг деворида осилган соатга қараб, яна деди:
— Ҳали соат ўн, бошқа зарур ишим бор.
— Яна қандай зарур иш экан у? — деб сўради сартарош.
Шу вақт банка ходимларининг чой ичиш вақтлари, агар бир оз кечиксам чойдан қоламан.
— Хўп, ундай бўлса... — деди сартарош салмоқлаб ва Қорининг лабини икки бармоғи билан буриб ушлаб, мўйловини қайчилашга киришди.
Мен бу сўз ва бу ҳолларнинг ҳеч биридан Қори-Ишкамбанинг қандай одам эканлигини аниқлай олмай қолдим. Мен «Агар бу одам бир неча зархарид ҳужранинг эгаси бўлса, нега ўзининг тирикчилигини, ҳатто соч олдириш пулини танимаган ўликларнинг йиртиши устига қўйган, ҳолбуки бундай иш, уйсиз-жойсиз, қўлидан ҳеч бир иш келмайдиган гадойларнинг иши. Агар ҳақиқатан бу одам уйсиз-жойсиз гадойдай бўлса, нега ўзини банк ходимлари билан ошна кўрсатади, ҳатто уларнинг тушлик пайти устига етиб боришни зарур санайди? Ҳар ҳолда бу қизиқ махлуқ кўринади. Буни таъқиб қилиб яхшигина танишиб олишим керак. Ҳужра сўраш  масаласи бунга бир баҳона бўлади...» дердим ўз-ўзимга. Сартарош Қори-Ишкамбанинг мўйловини қайчилаб бўлган ҳамон у ўрнидан ирғиб турди ва салласини супачадан олиб, бошига қўндирди-да, сартарошхонадан чиқди.
— Қори амаки, соч олдириш пули нима бўлди? — деб сартарош унинг орқасидан товуш берганда, у қайрилиб қарамасдан ва қадамини секинлатмасдан:
— Майдам йўқ, яна соч олдирганда иккисини бир қўшиб бераман, — деб тезроқ юриб кетди ва бир нафасда кўздан ғойиб бўлди.

III

Иккинчи куни, мен яна Қори-Ишкамбани дуч келтириб, иложи бўлса, у билан танишиш ниятида кўчага чиқдим. Лаби ҳовузи Девонбегини айланиб  хонақоҳнинг жануб томонидан бошланадиган баззозлик растасига тушдим. Баззозлик дўконлари олдида ўтирган одамларни бир-бир кўздан кечириб, бу растанинг ғарб томондаги адоғида бўлган Сесувга  чиқдим-да, у ердан шимол томонга қараб борадиган растага бурилдим. Бу раста чинни бозори бўлиб, ўрта белида сандиқ саройи ва сандиқ сотиладиган дўконлар бор эди.
Растада ҳали ўн қадам ҳам босмаган эдим, кўзим Қори-Ишкамбага тушди. У бир чиннифурушнинг дўкони супачасида оёғини осилтириб ўтирар эди. Мен ҳам унинг рўпарасига яқинроқ бориб, эшиги ёпиқ бир дўконнинг супачасига ўтирдим ва сичқон пойлаган мушукдай икки кўзимни унинг томонига тикдим. Чиннифурушнинг олдида бир чойнак чой бўлиб, у чойдан пиёлага қуйиб, навбат билан бир дафъа ўзи, бир дафъа Қори ичишар эдилар. Шу вақтда бир новвой бошида бир сават, қўлида бир сават нон билан “суви мой, уни шакар, иссиқ нон. Эҳтиёт бўл, қўлинг куяди!” деб растадан ўта берди...
Қори-Ишкамба новвойни чақирди, новвой унинг олдига бориб, қўлидан саватни пастлатганда, у, икки дона қип-қизил нонни танлаб олди. Нонларни синдириб чиннифурушнинг елпиғичи устига ташлади ва бир бурдани оғзига тиққандан кейин қўлини ён чўнтагига солди.
Мен унинг бу ишидан жуда таажжубда қолдим, унинг бу иши тунов кун сартарошхонада кўрганим одамнинг ишларига ўхшамас эди: тунов кун у ўзини, тирикчилиги ўликларнинг йиртиши устига қолган исқирт бир одам қилиб кўрсатган эди, соч олдириш ҳақида бошининг сочсиз жойларига ҳисоблаб, охири ҳақ бермасдан қочиб кетган эди: бугун бўлса савдолашмасдан икки нонни олди, уни бошқа бир одамнинг дўкони олдида синдириб, биргалашиб ейиши билан бу кун, у, менинг кўзимда «Ҳотами Тойи» бўлиб кўринди.
Қори-Ишкамба чўнтагига тиққан қўлини олиб бошқа чўнтагига тиқди. Бу орада тағин бир бурда нон олиб лунжига жойлади. Новвой: «Тез бўлинг, Қори амаки, мени узатинг, ноним совиб, бозордан қолмасин», — деб қистар эди.
Қори-Ишкамба ҳамма чўнтакларини ахтариб бўлгандан кейин, чиннифурушга қараб:
— Ука, шу нонларнинг пулини сиз бериб туринг, чўнтагимда пулим йўқ экан, агар пулим йўқлигини бошдан билсайдим, нонларни синдирмас эдим, — деди ва ўзи хотиржам бўлиб, икки қўллаб нон ейишга киришди.
Чиннифуруш манглайини буриштириб, бир нонга қаради, бир Қорига, охири новвойдан ноннинг нархини сўрагандан кейин ғаладонидан пул чиқариб, тўлаб юборди.
Аммо Қори-Ишкамба новвойга ҳам, чиннифурушга ҳам қарамай икки кўзини йонга тикканича лунжига нон бурдаларини тиқмоқда эди. Фақат чиннифуруш новвойни узатиб, ўз олдига қўйиб қўйилган чойни ичаётганида Қори-Ишкамба унга қарамагани ҳолда қўли билан уни нон ейишга таклиф қилди.
Чиннифуруш нондан бир бурда олиб еб, қўлидаги пиёлани бўшатгунча, Қори-Ишкамба синдирилган нонларни еб тугатаёзган ва елпиғич устидаги синдирилган нон камайган сари, Қори-Ишкамбанинг иштаҳаси орта борарди. Охири шу даражага етдики, чайналмаган нон билан тўлган лунжини қимирлата олмайдиган, томоғидан нон ўтмайдиган ва оғзи гапиришга имкон тополмайдиган бўлди. Қўли билан чиннифурушга чойнакни кўрсатиб, ишорат билан бир пиёла чой қуйиб беришни суради. Чиннифуруш илжайгани ҳолда пиёлага чой қуйиб, унга узатди. Қори-Ишкамба бир қўлини елпиғич устида қолган энг охирги бир бурда нон устига қўйгани ҳолда иккинчи қўли билан пиёлани олиб, бир ҳўплам чой ичди. Шу билан оғзидаги нонлар юмшаб, лунжи бир оз бўшаган бўлса керакки, энг охирги нон бурдасини ҳам оғзига тиқди ва пиёладаги чойни хўриллатиб ичгандан кейин, оғзидаги нонларни чайнай-чайнай ўрнидан туриб кетди. Мен ҳам унинг орқасига тушдим...
Қори-Ишкамба йўл юришда унча шошилмас эди, аста-аста қадам ташлаб, икки томондаги дўкон ва дўкондорларни бир-бир кўздан кечирар, кўзи кўзига тушган  одамлар билан «салом-алик» ҳам қилар эди.
У бир неча қадам юргандан кейин, сандиқ саройи, олдида бир сандиқфуруш дўконининг супачасига ўтирди. Сандиқфурушнинг ўзи дўконининг ичкарироғида ўтирарди, олдига ҳисоб чўти тик қўйилган бўлиб, лаби пичирлар эди.
Қори-Ишкамба ўтиргани ҳамон ёнбошлаб, қўлини чўтнинг орқасига узатди-да, у ердан бир нарсани олиб оғзига тиқди.
Мен сандиқфуруш дўконининг ёнида ўтирарга жой топмадим, ноилож қолиб, узоқроқда бир бўш жой топиб ўтирдим. Лекин у ердан туриб Қори-Ишкамбанинг ишларини пайқай олмас эдим. Фақат сандиқфуруш дўконининг олдидан ўтаётганимда шуни сездимки, у, бир нарсани (ўтган-кетганларнинг кўзидан яширмоқчи бўлиб) ҳисоб чўти панасига қўйиб емоқда экан, шундай бўлса ҳам, Қори-Ишкамбанинг «ўткир кўзи» уни кўрган ва ола солиб у ерга ўтириб, у нарсани ейишда сандиқфурушга ёрдамлаша бошлаганини пайқадим, у нарсанинг нима эканлигини аниқлай олмадим.
Қори-Ишкамба сандиқфуруш дўконида кўп ўтирди, ейдиган нарсани еб бўлганидан кейин, ўрнидан туриб дўппи ва шоҳи бозори бўлган «тимча»га кирди. Бу «тимча» деб аталган бозор чиннифурушлик растаси билан атторлик растаси орасида кўндаланг бўлиб, икки растани бир-бировига туташтирадиган усти ёпиқ торгина бир йўлакча эди.
Мен тимчадан анча узоқликда ўтирган жойимдан туриб, Қори-Ишкамбанинг орқасидан етишмоқ учун дарров йўлга тушдим ва тимчага кириб, унга етиб олдим. У ҳам бу гал бир оз тез юрар, икки томондаги дўкон ва дўкондорларга кўп қарамас эди. Фақат бора туриб бир дўппифурушнинг дўкони олдида тўхтаб қолди.
Теваракда муносиб ўтирар жой бўлмаганидан, мен ҳам ўзимни харидор кўрсатиб, дўппифуруш дўконининг олдида турдим.
Қори-Ишкамба дўппифуруш билан саломлашгандан кейин, ундан:
— Менинг дўппиларимни сотдингизми? — деб сўради.
— Йўқ, ҳали сотганим йўқ, — деди дўкондор.
— Сотгансизку-я, лекин пулини бир неча кун ишлатмоқчисиз? — деб Қори-Ишкамба дўкондорнинг гапига ишонмаганлигини билдирди.
— Қори амаки, сиз одамга ишонмайдиган бир кишисиз, шундай  дегани ҳолда дўконлар орқасига қайрилиб қўлини рафчаларнинг бирига узатди ва устма-уст қўйилган, бир даста дўппини олиб, Қори-Ишкамбага кўрсатди:
— Шулар сизнинг дўппиларингиз эмасми?
— Шулар менинг дўппиларим, — деди ва қўшимча қилди, — бошда ҳам мен сизнинг гапингизга ишонгандим, фақат бир ҳазил қилган эдим-да, дарров аччиғингиз келмасин.
— Нега аччиғим келсин? Сизнинг мунақа «ҳазил»ларингизни энди эшитаётганим йўқ-ку.
— Хўп, ҳазилни бир ёққа қўяйлик, — деди Қори-Ишкамба, — мен бу кун пулга жуда муҳтожман. Бир иш  қилиб шу дўппиларнинг пулини, ҳеч бўлмаганда ярмисини бериб турсангиз, мени жуда миннатдор қилган бўлар эдингиз. Шундай қилинг, жон ука! Илоҳи болаларингизнинг тўйини кўринг!
— Бу гапингиз ҳазил бўлса ҳам яхши эмас, чин бўлса ҳам, — деди дўппифуруш жиддий бир оҳанг билан.
— Нега?
— Шунинг учунки, — деди дўппифуруш, — сиз мендан ўз дўппиларингизни чакана нарх билан сотиб беришни сўраган эдингиз, агар мен ўз дастмоямдан сизга буларнинг пулини аввалдан бериб қўйиб, кейин битта-битта сотиб, у пулнинг ўрнини тўлдирсам, менга фойда бўлмайдигина эмас, балки зарар бўлади. Чунки сизнинг ўзингиз ҳар юз тангангиз учун менинг ўзимдан ҳар ойда икки ярим танга фойда оласиз. Шундай бўла туриб, «ўз пулингдан менга бериб тур», дейсиз.
Қори-Ишкамба, дўппифурушнинг бу гапига жавоб тополмаганидан бўлса керак, ўйлаб қолди ва дўппифуруш яна сўзга киришди:
— Бўлмаса бир иш қилайлик — на сих куйсин, на кабоб.
— Қандай иш? — деб сўради Қори-Ишкамба.
— Сиз ўз дўппиларингизни кўтара нарх билан баҳолаб менга сотинг, мен ҳам буларнинг пулини сизга  нақд тўлай, ундан кейин чакана нарх билан ўз ҳисобимга битта-битта сотай, у ҳолда менга ҳам бир нарса қолади, сиз ҳам пулингизни ҳозирдан оласиз, нима дейсиз?
— Бундай савдо менга тўғри келмайди, у вақтда : дўппилар пулининг қарийб тўртдан бири қўлимдан кетади, — деди Қори-Ишкамба ва кетмоқчи бўлди.
— Ўтиринг! Дўппиларингиз пули устидан битта чой дамлай, — деди дўппифуруш ҳазиллашиб.
—Раҳмат, мен ҳозир банкага бориб чой ичаман, — деди Қори ва кулиб қўшимча қилди, — менинг дўппиларим пулидан бўладиган чойга на сизнинг тишингиз ўтади, на ўзимники.
Дўппифуруш Қори-Ишкамбанинг бу гапига куларкан, мендан:
— Сизга нима керак?— деб сўради.
— Дўппи!
Қетармон бўлиб қадамини олға босган Қори-Ишкамба менинг бу гапимни эшитиб, йўлдан қайтиб тўхтаб қолди ва дўппифурушга қараб:
— Бу кишига менинг дўппиларимдан кўрсатинг! — деди. Дўппифуруш Қори-Ишкамбанинг дўппиларини дастаси билан менинг қўлимга бериб:
— Мана булардан бирортасини танланг! — деди. Мен ҳам уларнинг орасидан биттасини ажратиб;
— Мана шуниси қанча туради? — деб сўрадим.
— Беш танга, — деди дўппифуруш.
— Икки танга! — дедим мен дўппиларни дастаси билан унинг қўлига қайтариб бериб.
— Инсоф қилинг, ука, — деди Қори-Ишкамба менга қараб, — буларнинг ҳар бирига тўрт тангалик масаллик сарф бўлган, ақалли ўша масаллиқнинг пулини беринг, тикиш ҳақини сизга бағишласинлар,
— Бу киши дўппи олмайдилар, — деди дўкондор дўппиларни рафчага қўя туриб, — бекорга хомтама оўлманг.
Қори йўлга тушди, мен ҳам...
Қори-Ишкамба тимчанинг атторлик растасига ўтиладиган томондан чиқиб, бир атторнинг дўкони олдида тўхтади. Мен ҳам дўппифуруш дўкони ёнидаги тажрибамни ишлатиб, ўзимни харидор кўрсатиб унинг ёнига бориб турдим.
Қори-Ишкамба аттор билан саломлашгандан кейин унга: — «авараси» ҳисобидан бир тишлам гулқанд беринг, иштаҳадан қолибман, — деди.
Аттор кулимсираб, олдидаги мис тоснинг қопқоғини очди ва унинг ичидан темир белча билан ёнғоқдай гулқанд узиб, Қорига узата туриб деди:
— Хайриятки, иштаҳадан қолган экансиз Қори ака, бўлмаса бутун дунёни еб қўяр эдингиз.
Қори-Ишкамба белчани атторнинг қўлидан олиб, унинг учидаги гулқандни тиши билан узиб олди ва белчани атторга узатиб:
— «Авараси» жуда ҳам кичик бўлипти, тишларимнинг ковагида йўқолиб кетди, — деди.
— Дўконим кичкина, молларимнинг бори  бобо олиб набира сотадиган моллар, бу ҳолда «авараси» бундан катта бўлмайди.
— Хўп, «авараси» учун бўлмаса худо учун яна бир тишлам беринг, дуо қиламан, — деди Қори-Ишкамба.
Аттор яна бир тишлам гулқанд узиб, белча билан Қорига узатди, Қори бу дафъа белчани атторнинг қўлидан ола туриб, менга қараб:
— Ука, менда бирон ишингиз борми? —деди тўсатдан. Мен унинг бу саволидан шошиб қолдим, чунки бундай саволни ундан кутмаган ва жавобига ҳозирланмаган эдим. Мен: «Ҳа, сизда ишим бор, ойлоқ ерда айтаман» деб, уни бир чеккага тортиб, ҳужра масаласини унинг олдига қўйиш ўрнига, бошқача ҳаракат қилдим: аттор агар: «Ҳа, ука, сизга нима керак» деса, унинг жавоби учун ҳозирлаб қўйган сўзимни телбаланиб, Қори-Ишкамбага айтиб юбордим:
— Ҳа, менга мурч керак! — дедим.
Албатта бу жавоб Қори-Ишкамбанинг: «ука, менда бирон ишингиз борми?» деган саволига тамоман алоқасиз бўлиб тушди. Буни дарҳол ўзим ҳам сездим, шунинг учун тезлик билан қўлимни ён чўнтагимга тиқдим, дарров бир оз мурч олиб, у ердан қочмоқчи. бўлдим. Бахтга қарши, чўнтагимда бирон пул ҳам йўқ экан,қизариб-бўзариб атторга қараб:
— Ҳозир ёнимда пулим йўқ экан, бориб пул келтириб, сўнгра оламан, — дедим-да, тура солиб у ердан қочдим. Атторнинг дўкони олдидан узоқлашаётганимда  кўзимнинг қири тушди: Қори-Ишкамба қуйи лабини! юқори лаби устига тортиб, менинг ҳақимда ниманидир ишорат билан атторга англатмоқда эди.

* * *

Бугун ҳам менинг «овим» юрмади. Юрмадигина эмас, тузоқ олдига келган «ов» ҳуркиб қочган эди, бундан буён унинг орқасидан тушиш йўли мен учун тўсилган эди; Қори-Ишкамба олдида шарманда бўлган эдим. «Мурч олишим»нинг ёлғонлиги унинг олдида кун каби ойдин эди. Мен мурч олмасдан «мурч еган»  эдим, ҳатто у «мурч олишим»га қиёс қилиб «дўппи олишим»нинг ҳам ёлғонлигини билиб олган эди.
Энди пушаймон қилиш ўринсиз, «афсус» фойда бермас, ов тузоқдан қочган, қуш қўлдан учган эди.
Шунингдек, мен у билан танишиш ва унинг аҳволини ўрганишдан умидимни узмаган, фақат бу мақсадга етишиш учун бошқа йўллар, бошқа тадбирлар изламоқда эдим. Охир хаёлимга маиа шундай бир фикр келди: унинг уйининг адресини топаман, тўппа-тўғри уйига бораман, унинг олдида «дўппи олишим» ва «мурч олишим»нинг ёлғонлигини инкор қиламан, «сизнинг орқангизга тушишдан мақсадим, сиз билан танишиб, сиздан ҳужра сўрамоқ эди», дейман. Шу билан ҳам шармандаликдан қутуламан, ҳам у билан танишиб оламан, Шундан кейин унинг аҳволини ўрганиш учун менга йўл очиқ бўлади.

IV

Қори-Ишкамба уйининг адресини излаб юрган кунларимдан бирида Лаби ҳовузи Девонбегининг шимолида  бўлган чойфурушлик растасидан ўтар эдим. Бу растанинг ўрта белида, Кўмир бозори кўчасининг рўпарасида «Жаннатмаконий» аталган бир сарой бор. Бу саройнинг дарвозасининг икки ёнига икки супача қурилган эди. Бу супачаларнинг бирида Раҳими Қанд деган бир киши қанд, конфет ва бошқа ширинликлар солинган лаълисини  олдига қўйиб, сотиб ўтирарди. Мен ҳам баъзи вақт у супачаларнинг бошқа бирида ўтириб, Раҳими Қандни гапга солардим. Бугун ҳам ўша супачага бориб ўтирдим.
Раҳими Қанд узун бўйли, ориқ, чувак юзли, буғдой тусли, соқоли тўла даражада кўса бўлиб, ўзи жуда қизиқ одам эди. Мен унинг гапларини завқ билан тинглар эдим. Бу одамнинг туғилган ери Шофрикон районининг «Истамзий» қишлоғи бўлиб, Бухорода танбурчилик қилар эди.
У жуда камбағал, аёлманд ва бечора бир киши бўлиб, ўз касби — танбур чалишда ҳам унча маҳорати йўқ эди. Бунинг устига, у, шўрпешана, қайғули ва жуда камгап эди. Агар гапирса ҳам, жиддийнамо сўзлар гапирар, ўз замондоши бўлган касбдошларидай ҳазилкашлик, шўхлик, қизиқчилик ва хушомадгўйлик, лаганбардорлик каби ишларни билмас ёки қилмас эди. Шунинг учун уни бойлар ўз тўй ва базмларига олиб бормас, олиб борсалар ҳам бунга унча маблағ бермас эди. Харидори оз бўлганлиги сабабли, агар уни бирон одам ўз тўйи ва базмига олиб борса, ўттиз тийинга барасар келадиган Бухоронинг икки тангасига рози бўлар эди.
Унинг иш ҳақи бошқа хонанда ва созандаларга кўра кўп арзон бўлгани учун муллаваччалар ўз «ижтимоана»ларига  кўпинча уни олиб борар эдилар. Мен у йилан шунақа «ижтимоана»лардан бирида танишган эдим.
Баъзи вақт муллаваччалар ўз базм мажлисларида унга кўп азоб берардилар. Бир кеча мана шундай бир воқеа юз берган эди.
Бир йил, ҳамсабоқларимиз ҳар йилдагидай домла мударрис олдида келажак йилнинг дарсини бошлаб қўймоқчи бўлдилар. Янги дарс бошлаш учун албатта домлага сулукат  қилиш керак эди. Бунинг учун ўзаро  пул тўпладилар. Юз нафарча бўлган бу мадраса аҳлидан бир минг беш юз танга пул йиғилди. Бу маблағнинг бир минг тўрт юз тангасини «холвайига»  сарф қилдилар. Нон, майиз, турли ҳолвалар, домла учун чой-нон олдилар ҳамда домлага нақд пул бердилар.
Дарсни бошлаб, домла олдидан ўтгандан кейин, қолган юз тангани «ижтимоана»га сарф қилдилар юз нафар муллавачча ва йигирма нафарча меҳмон учун палов, нишолда, мураббо ва нон тайёрладилар.
Бу мажлиснинг созандаси шу Раҳими Қанд эди. Уни икки тангага савдолаб, олиб келган эдилар. У танбур чалар ва муллаваччаларнинг ўз ораларидан етишган хушхонлари ашула айтар эди.
Хушхон муллаваччалар бир неча нафар эдилару улар навбат билан ашула айтардилар, аммо Раҳими Қанд ёлғиз ўзи дам олмасдан, танбур чалишга мажбур эди. Вақт ярим кеча бўлганда, у тамоман ҳолдан тойиб қолди. Бармоқлари мадорсизланиб, танбур торидай титрамоққа бошлади. Лекин муллаваччалар унинг ҳолига қарамасдан, «Яна чал!» деб қистардилар.
Охири, у ҳам ўзининг узил-кесил гапини айтди:
— Агар ўлдирсангизлар ҳам энди чалолмайман! — деди.
— Ҳали гап шуми, — деди хушхон муллаваччалардан Амини Муш  деган бирови дўқ уриб.
— Гап шу! — деди Раҳими Қанд қатъият билан.
— Шериклар, туринглар, «хар мурд» , — деди Амини Муш мажлис аҳлига қараб ва ўзи ҳаммадан бурув туриб, Раҳими Қандни ерга юмалатиб босди. Бошқа бир неча муллаваччалар туриб, уни ура бошладилар.
Раҳими Қанд аввал «дод» деди, «вой» деди, сўнгра ураётганларга ялинди, йиғлади-сиқтади, аммо бу ялиниш-ёлворишларнинг ҳеч бири фойда бермади. Улар-уни кучлари борича урмоқда эдилар.
Охири, Раҳими Қанд бўғилган овоз, қисилган нафас билан ҳиқиллаб:
— Хўп, қўйворинглар «тақсирчалар», яна бир оз чалиб бераман, деди.
«Хар мурдчи»лар ундан қўл тортдилар. У зўрға ўрнидан туриб, деворга суяниб ўтирди, титроқ бармоқлари билан танбур торини бир оз титратди...
Шу вақтда ош тайёр бўлди, палов сузилган товоқларни келтириб, мажлис аҳлларининг олдиларига қўя бердилар. Сўзлар узилди, қўллар товоққа чўзилди, бошлар эгилди, кўзлар ошга тикилди. Раҳими Қанд ҳам танбурини деворга суяб қўйиб, бутун гавдаси билан товоққа ташланди.
Бирпасда товоқлар бўшалиб, яланди, дастурхонлар ҳам йиғиштирилди. Энди тарқалиш вақти етишган эди, мажлис аҳли тўртталаб, бешталаб уйдан чиқа бошладилар.
Раҳими Қандга хизмат ҳақи учун икки танга бердилар. Бунинг устига битта нон ва бир коса ош ҳам бериб, «буни болаларингга олиб бор», дедилар.
Раҳими Қанд сира кутмагани бу «инъом»дан бениҳоя қувонди.
— Илоҳи ҳаммаларингиз мударрис бўлинглар, муфти бўлинглар, охунд бўлинглар, раис бўлинглар, қози бўлинглар, қози калон бўлинглар! — деб муллаваччаларни ҳақларига дуо ҳам қилди.
— Бизнинг ҳаммамизнинг бу мансабларга етишмоғимиз учун бу кунги бу мансабларда турганларнинг ў-моқлари ёки бу мансаблардан тушмоқлари керак, — деди бир муллавачча ва қўшимча қилди, — сизнинг бу дуоингиз ҳалиги мансаб эгалари учун бир қарғишдир, агар улар эшитиб қолсалар, сизни «хар мурд» қилиб ўлдирадилар.
— Майли, — деди Раҳими Қанд бир оз илжайиб,— агар «хар мурд»дан кейин битта нон билан бир коса ош берсалар зарари йўқ.
Мен Раҳими Қанднинг умримда икки марта илжайган ҳолда кўрганман. Бири ўша мажлисда, яна бирини қуйироқда ҳикоя қиламан.

* * *

Икки танга даромад билан (у ҳам кунда муяссар бўлмайди), битта нон ва бир коса ош билан (у ҳам ўп беш кунда, бир ойда «хар мурд» бўлгандан кейин қўлга киради) албатта Раҳими Қанд каби аёлманд бир одамнинг куни ўтмас эди. Агар у бошқа бирон касбга киришмоқчи бўлса, танбурчиликдан ўзга ҳунари йўқ  агар қишлоққа чиқса, ери йўқ, агар савдо-сотиққа киришмоқчи бўлса, сармояси йўқ эди.
Шунинг учун у ёрдамчи «касб» йўсинида лаълига қанд ва бошқа ширинликлар солиб, кўчада сотиб ўтирар эди. Бу ишда унинг сармояси бир-икки қадоқ қанд ва конфетдан иборат эди. Қандни анбурча билан ушатиб, каттароқ бўлакларини икки пул, кичикроғини бир пулдан баҳолаб, лаълига солар, лаълининг бир бурчагида арзонбаҳо конфет ва обаки дандонлар турар эди.Раҳими Қанд кунда мана шу «тижорат молини» кўтариб, қўлтиғига бир кигизча қистириб, «Жаннатмаконий» саройи олдига келар, кигизчасини саройнинг дарвозаси олдидаги супачалардан бирига ёяр, ўзи унинг устида чўккалаб ўтириб, лаълисини олдига қўяр эди.
Унинг кўпинча харидори ,бош яланг, оёқ яланг, боқимсиз қолган кўча болалари эди. Улар гоҳо «хўжайин»нинг кўзини чалғитиб, бу «моллар»нинг бир қисмини чангаллаб олиб қочар ҳам эдилар.
Унинг мана шу «касби» муносабати билан Бухоро халқи унинг номига «қанд сўзини қўшиб Раҳими Қанд  дер эдилар.

* * *

Мен гоҳо Раҳими Қанднинг қанд ёки конфетидан бир донасини икки пулга олиб, саройнинг бошқа супачасида шимиб ўтирар эдим. Лекин менга қанд ва конфетдан кўпроқ унинг кам учрайдиган гаплари, ҳикоялари ҳузур бахш этар эди.
Раҳими Қанднинг менга айтиб берган ҳикоя ва саргузаштларидан иккитаси эсимда қолган.
Бир кун, у, замона аҳлининг «бетамизлигидан, қадр билмасяигидан» шикоят қилиб деди:
«Агар замона аҳлининг тамизи бўлсайди, ҳунармандни ҳунарсиздан фарқ қила олсайди, ҳунарманднинг қадрини билсайди, бошқа созандаларга ундай ва менга бундай муомала қилмасдилар.
Бу танбурчиларнинг, бу дуторчиларнинг, бу ҳофизларнинг кўплари «уста кўрмаган шогирд»лардир. Лекин бетамиз одамларни аҳмоқ қилиб, пул топиш йўлини жуда яхши биладилар. Мен бўлсам, бу илмнинг бир неча моҳир усталарида неча йиллар хизмат қилиб, бу ҳунарни орттирганим ҳолда емоққа нон тополмайман.
 Раҳими Қанд бу сўздан кейин, ўзининг ҳунармандлигини ва устозларининг забардастликларининг исботи учун қуйидаги «саргузашт»ини ҳикоя қилиб берди:
— Мен, қозонфуруш Насруллобойга (одамлар унинг номини қисқартириб, «Насруллои Дег» дер эдилар) ўн йил хизмат қилдим.
Насруллои Дег шашмақомда ягона эди. Танбур ва дуторларни сайратиб юборар, чилдирмасининг товуши билан осмон табақаларини ёрар эди.
Шогирдлигимнинг охирларида шашмақомни сув қилиб ичган эдим, у мени базмларга, ўзи билан бирга олиб борадиган бўлди. Бир куни у мени қози калон қуёвининг Хитоён қишлоғидаги чорбоғига олиб борди. У ерда шаҳарнинг манман деган созанда ва хонандалари тўпланган эдилар. То ярим кечагача ҳаммамиз жўр бўлиб, базм қилдик, яхшигина чарчадик. Овқатдан кейин созандалар ётиб ухладилар. Саҳар яқинлашган эди. Шу вақт устозим Насруллои Дег боғ эгаси — қози калоннинг куёвига:
— Агар рухсат берсангиз шогирдим билан бирга бир махсус базм қилиб берай, — деди.
Албатта боғ эгаси таклифни хурсандлик билан қарши олди. Насруллои Дег менга қараб:
— Танбурни «Наво»га созла! — деди. Мен танбурни созладим, у чилдирмани оловда қиздириб, қўлига  олди. Мен танбур чалишга киришдим, у чилдирма билан навонинг «усулини» сақлаб ашула айта бошлади....
Бир вақт қаердандир булбуллар учиб келиб, биз тагида базм қилаётган дарахтнинг шохига қўндилар...
— Булбуллар бизнинг чалиш ва хонишимизга қулоқ солиб, бир оз жим турдилар, биз чалаётган мақомнинг «усулини» билиб олганларидан кейин улар ҳам бизга жўрлаб «чахчахлаша» бошладилар.
Булбулларнинг бу ишларидан устозим шавқланиб, гўёки улар билан мусобақага киришгандек «фалак печ» нолалар қилар эди. Мен ҳам танбур торини ҳар бир чертганимда, гўёки эшитгувчиларнинг жон томирларига тирноқ урган каби уларни дод-фарёд қилишга мажбур этардим...
Охирида булбуллар «мусобақада» ютқизиб, жим бўлиб қолдилар. Улар бир нафас жим турганларидан кейин, ҳушу ихтиёрларини қўлдан бериб, дарахт шохидан ажралиб, парвоналар каби ўзларини биз томонга ташладилар ва парвона шам атрофидан қандай айланса, улар ҳам бизнинг бошимиз устида шундай айланар эдилар.
Бирон минутдан кейин, булбуллар тамом ҳолсизланиб, улардан бириси менинг танбуримнинг қулоқ чўпига ва бошқа бириси устозим чилдирмасининг гардишига қўнди...
Раҳими Қанд нақл қиладиган бунақа саргузаштларнинг ёлғонлиги ўз сўзидан равшан бўлса ҳам, мен унга қарши бирон нарса демас эдим. Чунки у ўзи гапириб бераётган ҳикоя ва саргузаштларига қарши эшитгувчидан оз бўлса-да, ишонмаслик сезса, у одамга бошқа унақа гапларни гапирмас ва ундан ошнолик алоқасини узар эди.
Ҳолбуки, унинг ҳикояларини эшитиш менга завқ берар эди, айниқса мен бундан кўпроқ завқланардимки, у афсонага ўхшаган ўз ҳикояларини жиддийлик билан гапирар ва менинг «тамоман ишониб» эшитаётганимга имони комил эди.

* * *

У бир кун менга ўша замоннинг «қаҳрамонлари»— амир навкарлари тўғрисида гап очди. Гап Амир Музаффарнинг ҳисорликлар билан уруши устида тўхтади. У Амир Музаффарнинг Денов қўрғони олдида ҳисорликларнинг бошларидан калла минора ясаганини, бир соатда тўрт юз асирнинг бошини кестирганини ҳикоя қилгандан кейин, гапини Азизулло деган бир «қаҳрамон» устига келтирди:
— Азизулло, — деди Раҳими Қанд, — асли Балхдан бўлиб, Бухорога таҳсили илм учун келган, Амир Музаффарнинг ҳисорликларга қарши урушига кўнгилли бўлиб қатнашган ва бу ишига мукофот юзасидан Ғиждувон туманига раис қилинган эди.
Азизулло Ҳисор урушида Амирнинг «галаботур»  навкарлари қаторида ҳисорликлар сафига от миниб ҳужум қилган, ҳар бир қилич уришида ўн-ўн икки нафарни дарахт новдасидай қалам қилиб чопиб ташлаган бир қаҳрамон эди. Урушнинг айни қизиб турган чоғида оти шохлари бир-бировига ўралашиб кетган икки тут дарахти орасидан шаҳд билан ўтаётганида Азизуллонинг калласи шохларга илиниб, узилган. У ҳам тезлик билан отнинг бошини орқага қайтариб, ҳали қони совумаган ўз калласини шох орасидан ажратиб олиб, кифтига ўрнатганда, яна от чоптириб жангга кириб кетган... Мен ҳикоянинг бу ерини эшитганимда Раҳими Қандга дедим:
— Хайриятки, Азизулло ўз калласини кифтига ўрнатганда тескари қўймапти, бўлмаса, кўзлари орқа томонида бўлиб, ҳаётда қийналиб юрган бўларди.
Раҳими Қанд, менинг бу сўзимдан ўз ҳикоясига ишонмаганлигимни сезиб, қизишиб кетди ва зардаланиб деди:
— У, кўр эмас эди, ақлсиз ҳам эмас эдики, каллани танага қандай ва қайси тартибда ўрнатишни билмасин.
Мен унга узр айтиб, унинг ҳикоясига тамоман ишонганимни исбот қилишга уриндим. Шундай бўлса ҳам, у менга бир неча вақтгача саргузашт ва ҳикоялардан гапирмади.
Раҳими Қанд умрининг охирларида шайхга мурид, эшонларнинг жар ва суҳбатларига юрадиган бўлди. Шундан кейин ҳеч ерда ва ҳеч бир кишига мунақа ҳикоялардан гапирмас эди. Лекин буларнинг ўрнига шайхларнинг «кароматлари»дан гапирар, Азизуллонинг қаҳрамонлиги»ни қандай безатиб, ишониб ва ишонтириб гапирса, фирибгар шайхларнинг «кароматлари»ни ҳам ўшандай безатиб, ишониб ва ишонтириб гапирар эди. Шайхларга ва уларнинг «кароматлари»га ишонмайдиган одамлар билан «шаккок», «кофир» деб ошналик қилмас эди.

V

Мен сарой дарвозаси олдидаги супачада ўтириб, Раҳими Қанддан икки пулга олган конфетни шимимоқда ва «қандай қилиб унга бирон ҳикоя сўзлатаман», деб ўнламоқда эдимки, узоқдан Қори-Ишкамба кўринди. Мен икки кўзимни унга тикдим. У ҳам назари менга тушгандан кейин кўзини мендан узмади. Унинг ўткир на маънодор қарашларидан «ана у кунги ёлғончи» деган товушни эшитаётгандай бўлар эдим. Шунинг учун уялиб ундан кўзимни уздим...
У тикка Раҳими Қанд ўтирган супача олдига келди, у билан саломлашгандан кейин, лаълидан бир-икки дона қанд-қурсни олиб, оғзига солди ва бир дона конфетдан ҳам олиб, унинг қоғозини очаётиб ўз йўлига кета  берди ва кетаётганда менинг томонимга яна бир қаради, мен ундан юзимни ўгирдим.
Раҳими Қанд, унинг қанд-қурс ва конфетни еб, уларнинг пулини бермасдан кетаётганини кўриб, орқасидан товуш берди:
— Қори амаки, ҳазил қилманг, мен камбағал ва  аёлманд бир одамман, еган нарсаларингизнинг пулини  бериб кетинг!
Қори-Ишкамба орқасига қайрилиб ҳам қарамай:
— Юзсизлик қилма, кўрнамак бўлма, тунов кун еган ошингни эсингдан чиқарма! Яна бирон вақт сенга манфаатим тегади, мен еган нарсаларнинг пули «боласи, набираси ва чевараси» билан сенга қайтади, — деди ва ўз йўлига қараб кетди.
Раҳими Қанд ўз-ўзича ғудунглаб:
— Исқирт, ўлимсахўр!.. — деб уни сўкди.
— Бунинг ўзи ким? — деб сўрадим Раҳими Қанддан.
— Салла ўраган ҳинди, ўтакетган судхўр, исқирт, мумсик бир одам, — деди.
— Сиз унинг тузини қандай еган эдингизки, у сизга «...кўрнамаклик қилма!» дейди.
— Унинг тузини мен тугул, ўзи ҳам тотган эмас, — деди Раҳими Қанд ва миннат қилган «туз» ва «ош» тўғрисида гапириб кетди: — Тунов кун мени бир мешкобчи ўз тўйига чақириб эди, мен ҳовли юзида сўри устида ўтириб, танбур чалмоқда эдим. Бу исқирт меҳмонлар қаторида меҳмонхонага кириб, ош еб чиқди ва бошқа меҳмонлар каби тўйхонадан чиқиб кетмай, менинг ёнимга келиб ўтирди. Шу орада яна бир неча дапқир меҳмонлар кириб, ош еб чиқдилар, у ҳали ҳам ўрнидан қимирламас эди. Охири, меҳмонларнинг кети узилди, У, тўй эгасини чақириб:
— Раҳим ака учун ҳам ош буюринг ахир, қўли билан бирга «қорни ҳам танбур чалаётир», — деди ва қўшимча қилди,
— Раҳим аканинг оши серёққина, сергўштгина бўлсин.
...Ошни келтирдилар, ҳақиқатан ҳам, сергўштгина серёққина сузган эканлар. Лекин ошнинг тўртдан бир» ҳам менга насиб бўлмади. Меҳмонлар  қаторида меҳмонхонада ош еб чиққан ҳолда, мен учун келтирилган ошдан ҳам ҳар ошам ошга икки бўлак гўшт қўшиб олар, чайнамасдан ютар-ютмас яна ошга қўл узатар эди.
Ошдан кейин яна мен танбур чалмоқчи бўлиб, танбурнинг қулоқларини бураб, созлаётганимда у қулоғимга пичирлаб:
—Агар шу тўйдан сенга бир товоқ ош олиб берсам, ярмисини менга берасанми? — деб сўради.
— Бераман! — дедим мен.
Яна бир пайт танбур чалганимдан кейин, яна оғзини қулоғим тубига келтириб:
— Энди бас қилсанг ҳам бўлади, — деди.
Мен ҳам танбур чалишни тўхтатиб, танбурни жилдига тиқа бердим ва тўй эгасини чақириб:
— Хайр энди, менга жавоб беринг! — дедим.
Тўй эгаси икки тангани қўлимга қистириб, олдимга бир нон билан бир ҳовуч қандолат келтириб қўйди.
Мен пулни чўнтагимга солиб, нон билан қандолатни рўмолчамга туга бердим. У тўй эгасига қараб:
— Раҳим ака аёлманд одам, унга сергўшт ва серёққина қилиб бир товоқ ош беринг. Ошнинг устига битта нон ҳам қўйсинлар, бу кишига ҳар нарса берсангиз куймайди, вақти келса яна хизмат қилади, — деди.
Тўй эгаси унинг сўзини икки қилмади. Бир товоқ паловга бир дона чапати нон қўйиб келтириб, менга берди ва:
— Товоқни қайтариб беришни унутманг! — деди.
— Хўп! — деб мен нон, мағиз тугилган рўмолчамни қўйнимга солдим, танбур ва товоқдаги ошни кўтариб тўйхонадан чиқдим. Бу одам мендан олдин юрмоқда эди.
Тўйхонадан бир неча қадам узоқлашганимдан кейин, у ёнимга ёндашиб:
— Менинг ҳовлим йўл устида,—деди,—аввал у ерга юрамиз, мен унда ошдан ўз «ҳақим»ни оламан, сўнгра сен ўз ҳақингни олиб, уйингга кетасан.
Мен рози бўлдим. Биз кўпгина кўча ва тор кўчаларни айланиб, унинг ҳовлисига етдик. Маълум бўлдики, унинг ҳовлиси, менинг ҳовлимга кўра тўйхонадан узоқроқда экан... .
Мен бу фурсатдан фойдаланиб уй адресини билиб олмоқчи бўлиб, Раҳими Қанднинг сўзини бўлиб,ундан сўрадим:
— Унинг ҳовлиси қайси маҳаллада экан?
— Кемухтгарон маҳалласида, пойабзал саройининг*орқасидаги боши берк тор кўчанинг энг охирида экан, — деди Раҳими Қанд ва сўзини давом эттирди: ; Биз бориб унинг ҳовлисига кирганимизда у менга:
— Товоқни менга бер! Мен ичкари ҳовлига киргизиб, бошқа бир товоққа ўз «ҳақим»ни ағдариб оламан. қолганини сенга чиқариб бераман, - деб товоқни менинг қўлимдан олиб, ичкари ҳовлисига кириб кетди.
Бир неча минутдан кейин, товоқни чиқариб қўлимга берди. Товоқ бўшаёзган эди: ундаги ошнинг саккиздан бири ҳам қолмабди, гўштини бўлса бутунлай олибди, ёғини бир томчи қолдирмай сирқитиб олипти, нондан бўлса бир бурда ҳам қолдирмабди, — деб Раҳими Қанд ўз ҳикоясини тугатди ва қўшимча қилди:
— Унинг менга миннат қилган «тузи» ва «оши» шу.
Менга у кун шунчалик ҳикоя етарли эди. Мен учун  ҳикоя эшитишга қараганда зарурроқ иш чиққан эди —« мен Қори-Ишкамбаиипг уй адресини билиб олган эдим; Энди унинг ҳовлисига бориб, уни топиб, у билан кўришиш керак эди. Мен жадаллик билан ўрнимдан турдим.

VI

Мен кўчаларда анча маҳалгача кезиб юрдим. Кун оқшомга яқинлашди, дўкондорлар ва савдогарлар ўз дўконларини беркитиб уйларига жўнай бердилар. Мен Қори-Ишкамба ҳам бу вақт ўз уйига қайтган бўлса керак, деб ўйладим-да, унинг ҳовлисига бормоқчи бўлиб йўлга тушдим.
Қемухтгарон гузаридаги пойабзал растаси орқаси да бўлган тор кўчага кирдим. Кўчанинг охирида бир эшикка дуч қелдим, ундан у ёққа бошқа эшик йўқ ва тор кўчанинг боши ҳам шу ерда тугалар эди.
Раҳими Қанднинг берган дарагига кўра, Қори-Ишкамбанинг ҳовлиси шу бўлса керак, деб ҳалиги эшикни тақиллата бошладим.. Мен бир оз кутгандан кейин эшикни яна тақиллатдим. Ичкаридан хотин кишининг
— Кимсиз? — деган товуши эшитилди.
— Мен бир муллавачча, Қори амакимда ишим бор, уйда бўлсалар айтиб қўйинг.
— Қори амакингиз уйда йўқлар, қандай ишингиз бор эди? — деб такрорланди ҳалиги товуш.
— Ишимни ўзларига айтаман! Қачон келадилар? У киши кеч келадилар, ошналариникида бўлади
Ҳеч бир вақт уйда бўлмайдилар, эрта билан тонгқоронғисида чиқиб кетадилар, баъзи вақтларда ярим кечада уйга қайтадилар! келсам у кишини учрата оламанми?
— Йўқ! — деган товуш такрор эшитилди. Бу бошқа бир хотиннинг ТОВУШИ эди, у хотин қўшимча қилди:
— У киши кечалари ҳовлиларига ҳеч кимни киритмайдилар. Бизга ҳам «Ҳеч кимга дарвозани очманглар!» деб тайинлаб қўйганлар. Яна шу кун уйдан чиқаётганларида «Агар бирон таниш келиб қолса ҳам дарчани очманглар!» дедилар. Беҳуда овора бўлманг!
— Сизлар у кишининг кимлари бўласиз — деб сўрадим.
Хотинлари! — жавоб берди биринчи хотин.
— Ҳў, кундузлари қайси вақтларда уйда бўлади
Мен ўз-ўзимга, «Бу ҳам бўлмади», деб орқамга қайтдим ва пойабзал саройи олди билан растага чиқиб, у ердан Лаби ҳовузи Девонбеги томонига қараб йўналдим...

* * *

Растада деярли ҳеч ким қолмаган эди, энг кечгача ўтирадиган ҳарис дўкондорлар ҳам ўз дўконларини йиғиштирмоқда эдилар. Кун янги ботган бўлса ҳам, усти ёпиқ чироқсиз раста бутун қоронғилашган эди, шу вақтда олдимдан бир одам чиқди. Менга бир тикилиб  қарагандан кейин, тез ўтиб кетди. Мен унинг Қори Ишкамба эканлигини зўрға пайқадим.
Мен «Жаннатмаконий» саройи олдига етганимда, Раҳими Қанд ҳам кигизчасини қўлтиғига қистириб, лаълисини қўлига олган экан. У мени кўрган ҳамон кулимсираб, имлаб чақирди.
— Нима дейсиз? — дедим унга яқинлашиб.
У эринибгина лаълисини супача устига қўйди, қўлтиғидаги кигизчани супачанинг лабига ташлаб, унга ёни билан суянгани ҳолда мендан сўради.
— Сиз Қори Исмат масаласини нима қилдингиз?
— Сизга «туз» ва «ош» егизган исқиртними?
— Ҳа!
— Ҳеч нарса қилганим йўқ. Қани, гапиринг, ўзи нима гап? — Раҳими Қанд ҳамон кулимсираб сўзга киришди.
— Шу кун сиз бу ердан туриб кетгандан кейин, қаердандир у бу ерда пайдо бўлиб, мендан: «У ким эди?», деб сўради. Мен «ғиждувонлик бир муллавачча», деб жавоб бердим. У бошини қимирлата-қимирлата «Шубҳам тўғри чиқди!» деди. «Қандай шубҳангиз бор эди?» деб сўрадим. У бир оз ўйлаб тургандан кейин: «Одамлар мени «пулдор» деб гумон қиладилар, шунинг учун бундан бнр қанча вақт бурун баъзи ўғри ва чайқовчилар менинг орқамга тушган эдилар. Улар менинг уйимда бир сариқ чақа ҳам топилмаслигини билганларидан кейин, кўнгиллари совиб мендан қўл ювдилар. Сизнинг бу ошнангиз, ёмон бир ғараз билан бўлса керак, менинг орқамга тушипти», — деди.
 Мен унга «Қани, у қандай қилиб сизнинг орқангизга тушди, ва нималар қилди?» — деб сўрадим. У менга жавоб берди : «Неча кундан бери шу одам менинг орқамдан юради бир кун эртадан кечгача мендан айрилмади. Маълумки, у менинг қаерлардам қанча пул олганимни ва пулларни қаерга қўйганимни кузатмоқда, агар бир миқдор пулни уйимга қўйганимни билиб қолса, кечлаб бориб, менинг ишимни битказиб, у пулни олмоқчи», — деди.
«Бу киши унақа одам эмас, шубҳангиз ўринсиз!» дедим. «Эҳтимол ўзи тўғри одамдир, лек ажаб эмаски, уни тумандошлари йўлдан оздириб, менинг орқамга қўйган бўлсалар. Ҳар ҳолда ғиждувонликлардан қўрққулик», деди у ва бир оз жим тургандан кейин яна давом қилиб: «Сен у билан ошна экансан, унга англатиб қўй: аввали шуки, менинг пулим йўқ, агар бир оз пул топсам ҳам, уни уйимга олиб бориб қўймайман, уйимда ҳатто бирон тузукроқ нарса ҳам йўқ, эшакнинг тўқимига ўхшаган бир-икки кўрпа-ёстиғим бор, холос», — деди.
Раҳими Қанд ўзининг Қори-Ишкамба билан менинг тўғримда гапирган гапларини айтиб бўлгандан кейин, менга насиҳат қилгандай бўлиб:
— Бундай одамга яқинлаша кўрмангки, унинг юзидан туҳмат ёғилиб туради! — деди.
Энди мен Раҳими Қанднинг нима сабабдан кулимсираганининг сабабини англаган эдим. Бу уни илжайган, кулган ҳолда кўрганимнинг иккинчиси эди. Лекин ўзим ич-ичимдан Қори-Ишкамбанинг бундай шубҳа ва қўрқишига Раҳими Қанддан ортиқроқ кулдим ва бундай одам билан танишмоқ фикрини бутунлай кўнглимдан чиқардим...

VII

Орадан кўп вақт ўтиб, мен Қори-Ишкамба билан танишишни хаёлимдан чиқардим. Бу орада уни ҳеч қаерда учратмадим.
Кунлардан бир кун Бухородаги Кўкалдош мадрасаси саҳнида тузфурушлик дўконининг томида ўтириб, аллақандай хаёлларга чўмиб кетган маҳалимда, бошимда бир одамнинг сояси пайдо бўлди. Мен хаёл юки остида қолганимдан соя эгаси томонга қайрилиб ҳам қарамадим.
Бошим устидан бир кишининг:
— Ассалому алайкум, — деб қариларга хос товушда қироат билан салом бергани эшитилди.
Бошимни кўтариб қарасам, Қори-Ишкамба экан, у кулимсираб, тишини ковламоқда эди.
Хеч бир важдан асоссиз шубҳалангани учун ундан қаттиқ ранжиганим сабабли ёқтирмас бир оҳанг билан саломига жавоб қайтариб, яна ўз хаёлимга шўнғиб кетдим.
— Кўкалдош мадрасасининг саҳни ажаб хушҳаво жой-да, — дея, менинг ёнимга ўтирди у.
Мен унинг бу сўзига ҳеч бир жавоб қайтармадим.
— Ука, — деди у юмшоқлик билан,, — менда бирон ишингиз бормидики, бир- икки кун менинг орқамдан юрдингиз, ҳовлимга ҳам борган экансиз?
«Ҳовлисига борганимни бу шайтон қандай билиб олган экан?» деб ажабсиндим. Лекин ўзимнинг аввалги вазиятимни бузмайин жавоб бердим:
— Мен, сизнинг қанча пулингиз борлигини ва у пулларни қаерга қўйганингизни билиб олмоқчи, ундан кейин ғиждувонлик қароқчилар билан бориб, уларни ўғирламоқчи эдим.
— Танимаганим бир одамнинг, кутилмаган ҳаракатларидан шубҳаланиб, унинг ҳақида бадгумон бўлишим айб эмас. Лекин мен текшириб кўрдим, сиз тўғри одам экансиз. Шунинг учун сизга узр айтиб кўнглингиздан чиқарай деб, ёқтирмасангиз ҳам ёнингизга ўтирдим, — деди, кейин янада юмшоқроқ оҳанг билан қўшимча қилди.
— Сизга англатиб қўйсам зарар қилмас: мен одамлар ўйлагандай пулдор эмасман. Агар«бола-чақаларнинг нафақаси учун», деб тўрт пул-беш пул топсам ҳам, уни ўз уйимга олиб бормайман, балки бирон одамнинг қўлига «омонат» топшириб қўйиб, керак вақтида ундан олиб харажат қиламан.
Мен унинг бу кейинги сўзидан менинг ҳақимдаги аввалги шубҳаси ҳали ҳам борлигини сездим. Шунинг учун бу ўжар одам билан пачакилашиб ўтиришни муносиб кўрмай, уни шубҳадан бутунлай чиқариш йўлига тушдим. Ундан ҳужра сўраш фикридан қачонлар қайтган бўлсам ҳам, уии шубҳадан чиқариш учун яна, ўша ҳужра сўраш масаласини ўртага солдим:
— Мен бирор турар жой ахтармоқда эдим, — деб гап бошладим, — эшитишимга кўра, сизнинг бир неча зархарид ҳужрангиз бор экан. Шунинг учун сизни танимасам ҳам, тўғри келтириб, бирон ҳужра сўраб кўрай деб орқангиздан юрган эдим.
— Менинг зархарид ҳужрам йўқ, бир-иккита ҳужрам бор, улар отамдан мерос қолган, ўзим пул бериб, ҳужра сотиб оладиган бойликка эга эмасман, — дегандан кейин мендан сўради:
— Ҳужра топдингизми ёки ҳали ҳам турар жойс излаб юрибсизми?
— Ҳали ҳам ҳужра топганим йўқ!
— Агар ҳужра топсангиз кунда қозон қайнатасизми? — деб сўради у қувонч билан.
Мен унинг бу саволидан «ўчоқсиз, мўрисиз бирор ҳужраси борга ўхшайди, агарда мен қозон қайнатмайдиган бўлсам, ўшани менга бермоқчи», деб ўйладим-да жавоб бердим:
— Мен учун ўчоқсиз, мўрисиз ҳужра бўлса ҳам бўлаверади: мен қозон қайнатмасдан ҳам кун кечира бераман.
— Лекин менда шундай бир ҳужра борки, унинг ўчоғи кунда икки кишилик сергўшт ва серёғ палов дамлашни талаб қилади, — деди ҳазиллашгансимон ва сўнгра жиддий бир вазият олиб изоҳ берди. — Менинг икки ҳужрам бор, уларнинг ҳар бирисини бир муллаваччага берганман, шу шарт биланки, уларнинг ҳар иккаласи кунда икки кишилик ош дамлайдилар, бири туш вақтида ва бириси пешиндан кейин. Мен маълум вақтларда бориб, уларнинг ҳар қайсиси билан паловларини баҳам кўраман.
У бир оз жим туриб, тишларини яна бир карра ковлагандан кейин, давом этди:
— У муллаваччалардан бири қабул қилинган шартимизга мувофиқ, кунда ўз вақтида паловни тайёрлайди, аммо бириси гоҳо ғирромлик қилади, ҳужрани қулфлаб қочади. Эртаси куни унга учраб, бу «ярамас» қилиқнинг сабабини сўрасам, «кеча ош харажатини тополмадим» ёки «кеча ўзим бир ерда меҳмонда эдим», деб сариқ чақага арзимайдиган узрларни олдимга қўяди. Шу йил тўрт бор шундай ҳодиса юз берди...
Қори-Ишкамба яна бир марта тишини ковлаб, тишларининг орасидан чиққан ош қолдиқларини кўча томонга туфлагандан кейин, сўзини яна давом эттирдй:
— Мен ҳозир шу ваъдасиз муллаваччанинг ошини еб чиқдим. Тунов кун ҳужрани қулфлаб қочган эди, бугун бўлса, ошни камгўшт ва камёғ қилиб пиширибди. Шу бугун унга «бундан буён шундай қилсанг сени ҳужрадан қувиб чиқараман», деб дўқ урдим. Агар сиз кунда сермасаллиқ палов пишириб, мени «зиёфат» қилишни бўйнингизга олсангиз, майли «қадрдон бўлса ҳам» уни қувиб юбориб, ҳужрани сизга бераман.
Мен бундай мумсик одамнинг олдида ўз қашшоқлигимнн изҳор қилишни ва «бу шартни адо этишга қурбим етмайди» дейишни ор санаб, унга бундай жавоб бсрдим:
— Тунов кун менга бир одам ўз ҳужрасини текин бермоқчи бўлди. Агар ўша ҳужрани олмасам сизнинг ҳужрангизни олсам бўлади. Ҳар куни ош дамлаб, бир одамни зиёфат қилиш унча «қийин эмас», лекин текин ҳужра топилса яна ҳам яхшироқ.
— Албатта ҳар ким ўз манфаатини кўзлайди. Лекин менинг ҳужрам жуда яхши, деразасига ойна солиш ўрнига қоғоз ёпиштирилган бўлса ҳам, устунлари тут ёғочдан, ўймакор қилиб ишланган, жуда чиройли деди у ва қўшимча қилди: — Хўп, хоҳ ўзингиз учун,  хоҳ бирон ошнангиз учун турар жой керак бўлиб қолса, менинг ҳужрам ҳалиги шарт билан тайёр. Ҳужра  берганим устига дуо ҳам қиламан. Мен бечора бир одамман, одамлар ўйлаганча пулдор эмасман...
Менинг Қори-Ишкамба билан танишлигим мана  шундан бошланиб, биринчи ўтиришимиз шу мусоҳаба  билан тугади. Ундан кейин у баъзи вақт кўчада менга дуч келар ва ҳар бир дуч келганида мендан:
— Турар жойингиз борми? — деб сўрарди у.
— Бор! — деб жавоб берардим мен. — Ҳужрасиз бирон ошнангиз йўқми?
— Йўқ.
Йўл устидаги «суҳбатимиз» шу билан битар эди...

VIII

Илгариги замонларда, Бухорода ҳар йили ҳамал ойи бошида «Наврўз» сайилн бўлиб, бу шаҳарга яқин «Ширбадан» деган қишлоқда бўлар эди. У сайилда ош дамлаб сотадиган ошхоналар қаторида қозон-товоқ ва ўчоқ тайёрлаб ижара қўядиган «ошхоначилар» ҳам бўлар эди. Бундай ошхоначилар усти очиқ бир ерда қатор ўчоқ қазиб, қозон қуриб, ўтин тайёрлаб, харидор кутиб ўтирардилар. Баъзи одамлар масаллиқни келти риб, шундай ошхоналардан бир қозонни олиб, ўзлари ош пиширардилар. Ошхоначига қозон-товоқ ва ўтин  учун ҳақ тўлардилар.
Сайилга борган ошналаримиздан бир нечаси шундай ошхоналарнинг бирида ош қилмоқчи бўлди, улар, орасида мен ҳам бор эдим. Бундай вақтларда ошпазлик вазифаси менинг бўйнимга тушар эди, ўртоқлар бу хизматим муқобилида мени «ҳарифона» пули тўлашдан озод қилар эдилар.
Уртоқлар ош масаллиғини сотиб олиб, мен билан бирга ҳалиги ошхоналарнинг бирисига бордилар, улар гўшт, ёғ, пиёз, сабзини тўғраб бергандан кейин томошага чиқиб кетдилар. Мен ош пишириш учун у ерда қолдим.
Мен ёғни эритиб, доғлаб, пиёз, гўштни солиб қовурдим, кейин сабзини босиб, бир оз сув қуйиб қайнатиб: гўштининг пишишини кутиб ўтирдим....
Ҳали ошга гуруч солмасимданоқ, қаердандир Қори- Ишкамба пайдо бўлди. У мен билан саломлашиб, одати бўйича, «ҳужра керакми?» деб сўраб, мендан «йўқ!» жавобини олгандан кейин, шериклик ош қилаётган йўлдошларимнинг кимлар эканлигини сўради.
Мен бир неча кишининг номини айтдим.
— Ҳа, ҳаммалари «ўзимизники» эканлар-ку, — деб, у менинг олдимдан кетди ва қўшнидаги ошхонага кириб, ошларнинг тайёр бўлишини кутиб ўтирган бир тўда одамлар даврасига жойлашди. Мен гуруч солиб, ошни дамладим. Бизникилар ҳам етиб келиб, давра олиб ўтирдилар. Бу орада Қори-Ишкамба жойлашган давранинг оши сузилди. Улар емоққа киришдилар.
Қори-Ишкамба ҳар бир ошам ошни лунжига тиққандан кейин бўйнини чўзиб, бизнинг қозонимиз томон кўз ташлар эди.
Мен ҳам ошни сузиб, ўз даврамизга келтириб қўйдим. Қори-Ишкамба бизнинг даврага ош келганини кўргани ҳамон ўрнидан турди. Лекин у даврадаги товоқнинг тагида бир ошамча ош қолган бўлиб, аллакимига ҳазиллашиб, «Қори амаки, шуни ҳам енг, увол бўлмасин, деган бўлса керакки, у эгилиб, товоқдаги ошни сидириб олди-да, ёғини томиза-томиза ошни оғзига тиққани ҳолда бизнинг даврага югурди.,
Бизнинг даврада, отаси ўртача бойлардан бўлган бир киши бор эди, шу киши Қори-Ишкамба билан ошна ва ҳазилкаш экан. У келиб бизнинг даврага ўтиргандан кейин, ҳалиги бойвачча унга:
— Қори амаки, сизнинг қўлингиздан қутулиш куни йўқ экан-да, — деди.
— Машақда, бошингиздан айланай бойвачча, машақ. Бечора одамнинг иши машақ теришдир.
— Ҳовлига бориб-ку, «навираси» деб ошни ейсиз, энди бу ошни нима деб ейсиз?
— Бу «авираси», бошингиздан айланай! — деди Қори Ишкамба кулиб. Суяклар тозаланиб бўлганидан кейин, ошдан «олинг-олинг» бошланди. Аммо Қори-Ишкамба ҳеч бир кишининг «олинг» дейишини ва ошдан олишини кутиб турмай, товоқ устига энгашди. Ундан кейин на бирон кишига гапирар ва на бирон кишининг гапига жавоб қайтарар эди, беш бармоғини ёзиб ошни гўшт ва ёғи билан чақалоқнинг калласидай қилиб олиб оғзига тиққани ҳамон яна ошга панжасини узатар эди.
Қори-Ишкамбанинг чўзилиб товоқнинг тагигача суқилаётган бармоқларини кўриб, бизникилардан бири унинг қўлига ишорат қилиб:
Қори амаки, бу панжами, паншаха? —- деб сўради.
— Паншаха-да, — деди бошқа бириси. — Қори амаким машақчи бўлганларидан кейин тўғри келганда хирмонни совура берадилар, шунинг учун ўзлари билан бирга панжа ўрнига паншаха олиб юрадилар.
Аммо Қори-Ишкамбанинг ўзи бу сўзларга кулимсирашдан бошқа жавоб бермас ва бошини товоқ устидан кўтармас эди. Ёлғиз ора-сира ўнг қўлини товоққа босиб тургани ҳолда чап қўли билан косани олиб  сув ичар эди.
Қори-Ишкамба оғзига ошни шу қадар кўп жойлардики, чайнаётган вақтида гуруч доналари оғзидан товоқ устига сочилар эди. Мен бу ҳолни кўриб, ош емоқдан қўл тортдим, бошқа ўртоқлар ҳам ошнинг тагидан  унинг оғзидан сочилган гуручлар тушмаган жойида оз-оз олмоқда эдилар...
Косадаги сув тугади, Қорп-Ишкамбанинг устма-уст оғзига жойлашган оши томоғига тиқилиб қолди. Мен ошхоначига қараб:
— Сунба келтиринг, сунба! — дедим. Ошхонач таажжубланиб:
— Менда сунба йўқ! Сунбани нима қиласиз? деди.
— Ахир, бировнинг томоғига ош тиқилиб қолса, нима билан қорнига жойлаш керак?
Ошхоначи товоқ теварагида ўтирганларга қарар экан, оғзи тўла ош бўлиб, уни ютолмай турган Қори- Ишкамбани кўриб, бирдан тушунди ва косани олиб бориб, сув тўлдириб келтириб, унинг олдига қўйиб:
—   Томоғига ош тиқилганларнинг сунбаси сув бўлса керак, — деди.
Қори-Ишкамбанинг яна бирон жойда «искаб» қўшган оши бўлса керакки, бизнинг товоқни бўшатганида кейин, товоқни олишни ва дастурхонни йиғиштиришни хам кутмасданоқ, ўрнидан ирғиб турди-да, қўлини мойини маҳсисига артиб, ошхонадан чиқиб кетди.
Бизнинг даврадагиларнинг бу чақирилмаган жирканч «Меҳмон»нинг қилиқларидан таъблари тирриқ бўлган ва димоғлари куйган, мен бўлсам тамом асабийлашиб кетган эдим; ўзим меҳнат қилиб пиширган ошдан маҳрум бўлганим устига, унинг ош ейишидан кўнглим шундай айнидики, оч бўлсам-да, кўнглим ош тусамай қўйди.
Мен «Мусонинг аламини Исодан олмоқчи» бўлиб, бойваччадан сўрадим:
— Бу итнинг сен билан қандай алоқаси бор эдики, сенинг исингни искаб келиб, бизнинг даврани булғатиб кетди?
— Бу одамнинг мен билан қандай алоқаси борлигининг ҳикояси узун, уни бошқа вақт айтиб бераман! — деди у.
— Мен у билан сенинг орангда гапирилган «навираси», «авираси» деган сўзларнинг маъносини англамадим. Агар сен шу илмоқли сўзларни менга очиб берсанг, ҳаммасини бағишлайман! — дедим.
— Бу одам судхўр, —- деди бойвачча, — пулни орттириб олиш шарти билан қарзга беради, пулнинг тагидан орттириб олган фойдасини пулнинг «боласи» дейди: пулнинг фойдасининг фойдасини «навираси», фойдасининг фойдасининг фойдасини «авираси» дейди.
Бойвачча судхўрларга хос бу ибораларни айтиб берганидан кейин, изоҳга киришди:
— Ҳар ким бу одамдан қарздор бўлса, албатта бу  одамдан пулнинг танини шарт қилинган фойдаси билан бирга биратўла олади, бундан бошқа у одамнинг қарздорлик муддати орасида кунда ёки кун ора оқшомда унинг уйига бориб, овқат қилади. Мана шу овқатини «навираси» деб атайди.
Бойвачча у билан ўз алоқасининг ҳикоясини бошқа вақтга қолдирган бўлса ҳам, ўзи сезмасдан, у ҳикоянинг бир қисмини айтиб юборди:
— Менинг ҳам ундан бир маблағ қарзим бор, шу муносабат билан у тунов кун оқшом бизнинг уйга келиб, «навираси» деб ош еган эди. Аммо бугунги ошни «авираси» деб атади, яъни менга қарз берган пулининг фойдасининг фойдаси ҳисоблади.
Ширбадан сайили воқеасидан тахминан тўққиз ой ўтган эди. Бир кеча шомдан кейин, бойвачча менинг хужрамга келди. У саломлашиб сўрашгандан кейин, деди:
— Бу кеча менинг Қори-Ишкамбада бир ишим бор. У менга соат ўнларда уйимга борсангиз, мени кўра оласиз, деб ваъда берган эди.
— Эшитишимча, у ҳеч бир кишини кечқурун уйига йўлатмас экан-ку, — деб унинг сўзини бўлдим.
— Аввали шуки, бу иш мендан кўра, унга фойдалироқ, шунинг учун кечқурун ҳам мени уйига қабул қилишга мажбур; иккинчидан, унинг мендан кўнгли тўқ, мендан ҳайиқмайди, — дегандан  кейин, бойвачча ўз сўзини давом эттирди:
— Кечқурун соат ўнда, айниқса ҳаво булутли бу кечада, кўчада ёлғиз юриш қўрқинчли. Агар бемалол бўлса, сиз менга ҳамроҳ бўлсайдингиз!
— Мен у одамнинг шум бетидан безорман ва унга  дуч келишни ўлим билан баравар биламан! Лекин модомики, сизга ҳамроҳ бўлмоқ учун бир одам керак экан, майли, бораман, «дўстлар билан бирга ўлмоқ тўй-томошадир», деганлар.
— Унга дуч келиш, айниқса унинг уйига бориш ўлимдан баттарроқ бўлса ҳам, у ерда сизни қизиқтирадиган ишлар бўлиши ҳам мумкин, томоша қиласиз, — деб бойвачча менда ҳавас ҳам уйғотиб қўйди.

* * *

Биз икковлашиб ваъда вақти яқинлашган чоқда кўчага чиқдик. Ҳаво булут, ойсиз бир кеча эди. Бундай кечада Бухоронинг чироқсиз, эгри-бугри, тор кўчаларида юриш жуда қийин бўлади, хайриятки, қор ёғмоқда ва ҳамма жойни оқартириб, кўчага кўр ойдин каби ғира-шира ёруғлик берган эди. Бўлмаса бундай кечада йўлни кўролмай пешанамизни бирон деворга уриб, бошимизни ёриб олишимиз ҳам ҳеч гап эмас эди.
Биз Кўкалдош мадрасаси саҳнининг ғарб томонидаги зинасидан тушиб, ўнг қўлга бурилдик, мадраса билан Шайхшона мачитининг орасидаги кўча билан шимол томонга қараб йўналдик.
Мадрасанинг ғарби-шимолий бурчагига келганимизда чап қўлга бурилиб, сомон бозори билан ғарб томонга қараб бора бердик.
Кўчада ҳеч бир жон асари, ҳеч қандай товуш ва ҳаракат йўқ, қорнинг шивирлашидан бўлак овоз эшитилмас эди. Фақат шу орада ғарб томондан келаётган миршабнинг довил садоси эшитилди. Биз «у, усти ёпиқ раста билан ўтиб ўз постига борар» деб йўлимизда қайтмай бора бердик. Лекин биз Қемўхтгарон кўлига яқинлашганимизда миршаб ҳам ўз дастаси билан пояфзалфурушлик растасидан чиқиб бизга қарши кела берди. Миршабнинг ўзи отлиқ, одамлари пиёда эдилар. Бухоро миршабларининг одати — ўғридан қочмоқ, ўғрини тутмоқ эди. Агар биз қочсак, бизнинг тўғрилигимизни билиб, албатта қувиб тутарлар, агар қочмасак миршаб билан юзма-юз келиб, ўз-ўзимиздан қўлга тушар эдик.
Бойвачча бу ҳолдан жуда қаттиқ қўрқди, унинг қўрқиши шу жиҳатдан эдики, миршабнинг қўлига тушиб қолса, Қори-Ишкамбага тўлаш учун тайёрланган пулидан бир қисмини унга бериши, шу билан бу кеча унинг ҳисобини баравар қилолмай қолиши, ёки миршабхонага бориб, эртагача ётиши, эрта барибир ё ўзи,  отаси пул тўлаб қутулиши керак эди. У ялинган товуш билан:
 — Энди нима қиламиз? — деб сўради мендан.
— Қўрқма, ҳеч нарса бўлмайди, — деб мен унга дадиллик бергандан кейин, айтдим:
— Орқага қайтамиз, сиз менинг орқамдан деворнинг ости билан шошмасдан оғир-оғир қадам босиб келаверинг ва орқангизга — миршаб келаётган томонга сира қараманг!
Биз орқага қайтиб секин-секин юра бордик, миршаб ҳам бизнинг ўғрилигимиз ёки тўғрилигимизни аниқлай олмай, бизнинг орқамиздан қора олиб келмоқда эди. Биз Пойи остона гузарига борадиган рангуборфурушлик растасининг бурчагига келганимизда, миршаб бизга яқинлашаёзган эди.
Биз, чап қўлдаги тимли растага бурилдик ва растанинг бошидаги биринчи дўконнинг супачасига чиқиб, растанинг томини кўтариб турган йўғон устуннинг орқасига яшириндик.
Бизнинг чап қўлга бурилганимизни кўрган миршаб ва унинг одамлари бизнинг қандай одам эканимизни билмасдан, қўлдан қочирмаслик учун бўлса керак. улардай бириси
— Ким у! — деб товуш берди.
Мен унинг жавобига дўкон супачасидан парча ғиштни қўпориб олиб, устун орқасидан чиқдим-да, у ғиштни уларга томон отдим ва яна ўзимни устун панасига
олдим.
Шу билан миршаб бизнинг «ўғрилигимизни» аниқ-лаган бўлса керак, биз турган томонга келишни «хатарли» билиб, орқага қайтди ва довилини чалмасдан, келган йўли билан кета берди.
Миршаб бориб пойафзалфурушлик растасига кириб кетгандан кейин, биз устун орқасидан чиқиб, тағин қайтган томонимизга қараб йўл солдик ва бир неча минутда Қори-Ишкамбанинг ҳовлисига бориб етдик.

* * *

Бойвачча Қори-Ишкамбанинг эшигини тақиллатди. Бир оз фурсатдан кейин дарвоза орқасидан:
— Қимдир у? — деган овоз эшитилди бу Қори-Ишкамбанинг товуши эди.
— Мен, ошна, Қори амаки, эшикни очинг! — деди бойвачча унга.
Қори-Ишкамба дарвозани очди, аммо бойваччанинг ёнида бошқа бир одамнинг қорасини кўрган ҳамон, қайтадан дарвозани ёпмоқчи бўлди.
Аммо бойвачча бунга йўл қўймади: кифти билан дарвозанинг бир табақасига тиралиб туриб, бир оёғини бўсағадан ичкари қўйган ҳолда:
— Қўрқманг, Қори амаки, бу киши ўзимизники, дегандан кейин менга қараб
— Марҳамат қилинг, киринг! — деди. Биз дарвозадан ичкари киришга муваффақ бўлдик.
Йўлакча қоронғи ва тор эди. Ичкари ҳовлининг кириш йўли бўлса керак, очиқ турган бир эшикка ўнг томони билан туртиндим, Қори-Ишкамба рўпарамиздаги бир зинага оёқ босиб:
— Келинглар, юқори чиқинглар — деди. Биз унинг орқасидан қўлимиз билан деворни пайпаслай-пайпаслай юқори чиқа бошладик, торгина бир саҳнча ва унинг нариги бошида бир табақали эшик бор эди. Эшик олдида бир метрча келадиган бир айвонча, айвончанинг ости болохонанинг қор-ёмғирдан сақланиладиган йўлаги саналарди.
Қори-Ишкамба олдин бориб болохонанинг эшигини очди, биз ҳам унинг орқасидан етиб бордик. У болохонага кира туриб: «Марҳамат қилинглар!» — деди.  Биз ҳам болохонага кирдик, аммо қоронғиликда қаерга ўтиришимизни билмай, тикка турдик. У бўлса болохонанинг тўрида «ғивирлаб» юрмоқда эди.
— Қори амаки, нима қиляпсиз? — деб сўради бойвачча ундан.
— Лампани ахтариб топдим, қани, гугуртларингиз борми?
— Менда гугурт йўқ экан, — деди бойвачча чўнтакларини ахтариб кўргандан кейин.
— Менда ҳам гугурт йўқ, — дедим мен. Қори-Ишкамба оёқ ўйини қилаётгандай болохонани гумбурлатиб тепа бошлади.
— Болохонанинг ости — ичкари ҳовлидаги уйим, улар «гум-гум»ни эшитиб ичкаридан одам чиқади, — деди.
Ҳақиқатан ҳам кўп вақт ўтмасдан зина томонидаи оёқ шарпаси эшитилди.
— Лампани чиқар, ундан бу лампани ёндирай! — деди Қори-Ишкамба зина бошига чиққан кишига.
— Лампани ёндириш учун гугурт сўрамай, нега лампа сўрадингиз? — деди бойвачча Қорига.
— Ҳисоб юзасидан, — деди Қори-Ишкамба, — ҳар кеча уйимда бир дона гугуртдан ортиқ сарф бўлмаслиги керак, хоҳ ўчоқ бўлсин, хоҳ чироқ, бир-бировларидан ёндиришлари лозим. Шу ҳолда менинг қўлимдаги беш-ўн танга пулни одамлар «фойдахўрликдан топган» деб ўйлайдилар. Ҳолбуки, мен ҳар бир нарсамни тежашдан, харажатда исроф қилмасликдан топганман.
— Тўғриси, «чиқим қилмасликдан денг!» — деди бойвачча.
— Агар лампани чиқариб туширишда унинг шишаси синса, «мумсикнинг харжи икки баравар» деган мақол тўғри бўлиб қолади, — дедим мен.
— Синган шишанинг зарари менга эмас, у лампанинг эгаси бўйнига тушади, — деди Қори-Ишкамба, — унинг учун бу лампани ёндиришга ичкарига бериб юрмай, у лампани бу ерга олиб чиқишини буюрдим.
— -Ичкари ҳовлингиздаги лампа сизники бўлмай, кимники бўлади? — деб таажжуб билан сўрадим.
— Хотинларимники — деди Қори-Ишкамба ва изоҳ беришга киришди, — хотинларим дўппи тикадилар, бу ишдан тушган фойдаларнинг бариси ўзлариники. Бу ишга бўладиган харажат, шу жумладан, лампа, унинг шишаси ва керосин ҳам ўзлари ҳисобидан бўлади мен учун бўлса, ичкари ҳовлида лампа ҳам керакмас, унинг ёруғи ҳам.
— Ундай бўлса, дўппиларнинг нархи учун шунча тортишувингиз хотинларингиз манфаати учун эканда, — деб мен дўппи бозоридаги воқеани эслатдим. — Йўқ, у тортишувларим ўз манфаатим учун эди, деди-да, изоҳ берди. — Хотинларим тиккан дўппиларни мен улардан кўтарасига баҳолаб оламан. Сўнгра бозорга олиб бориб «ошналарим» орқали чакана нарх билан сотаман, кўтара нарх билан чакана нарх орасида бўлган фарқ менинг чўнтагимга киради.
Бу орада биров ёнган бир лампани келтириб зина устига қўйди. Қори-Ишкамба мен билан бўлаётган гапини тугатгандан кейин, қўлидаги лампани олиб бориб эшик олдига қўйди, сўнгра бориб зина бошидаги лампани олиб келди. Ёнаётган лампанинг пилигини паслатиб, енги билан шишасини олиб, ерга қўйди.
Сўнгра болохона палоси остидаги бўйрадан бир чўп суғуриб олиб уни бояги лампадан ёндирди ва лампасини ёқиб олгандан кейин ҳовлидан чиққан лампанинг шишасини қўйиб, уни элтиб зина ёнига қўйгач, қайтиб келиб, болохона лампасини олиб келтириб сандал устига қўйди.
Бу лампа мозорларда ёқиладиган пиликлардай хирагина ёруғлик берадиган «учинчи» лампа эди; шундай бўлса ҳам, биз унинг ёруғида болохонадаги «мебеллар»ни кўра олдик: у ерда териларни ошлаганда чиқадиган жун қириндиларидан босилган ва Бухоро истилоҳича «оҳоки» аталадиган бир кигиз тўшалган, сандалнинг устига, ўзи айтганча, эшак терисига ўхшаган исқирт бир кўрпа ёпилган эди, аммо сандал теварагидаги кўрпачалар ундан ҳам исқирт, яъни эшакнинг тўқимига ёки қўтир туянинг жунига ўхшар эди.
— Марҳамат қилинглар, сандалга ўтиринглар- деди у.
Биз уст кийимимизга яхшилаб ўралганимиздан кейин, сандалнинг икки томонига ўтирдик ва оёқларимни сандалга узатган ҳамон қайтиб тортиб олишга маж бур бўлдик.
— Бу сандалми ёки музхонами, Қори амаки? деб сўради бойвачча ундан.
— Ҳали, шу ҳавода ҳам оёғингиз совқотдими? деди Қори-Ишкамба, — бойваччаларнинг оёғи шунақа нозик бўлар экан-да.
— Қишлоқи муллаваччанинг оёғи ҳам ишдан чиқади, — дедим мен, — бир қарич қор ёғиб, кавушга  келадиган бўлганда, фил ҳам кўчага чиқса совқотади. Узингиз шу вақт кўчага чиқиб, бир кезиб келсангиз-чи!
— Мен ҳозир кўчадан келдим, — деди у, — неча маҳалла-кўйларни кездим, неча жойда чой ичдим, бир неча ҳовлида ош едим. Агар бойваччага ваъдалик бўлмасайдим тағин икки соат кўчаларда юрар, ошлари жуда кеч тайёр бўладиган ошналаримнинг ҳам овқатларини еб келардим.
— Сиз ўз уйингизда ҳам ош еганмисиз? — деб сўрадим.
Қори-Ишкамба сира ўйламасдан, ҳозиржавоблик билан:
— Сира емаганман. Модомики, ошналар уйида тайёр ош топилар экан, нега ўз уйимда қозон-товоқ қилиб ўтирай? Нега юз минг машаққат билан топган пулимни бекорга исроф қилай, — деб бир оз жим тургандан кейин, яна давом этди:
— Гапим ёлғон бўлмасин, йилда икки марта ўз уйимдан ош ейман.
— Ишонмайман, — деди бойвачча, — сира ақлим овар қилмайдики, сиздай одам пул харжлаб уйида ош пиширтириб есин!
— Мен пул харжлаб ош пиширтиб емайман-н-н, — деди у чўзиб ва изоҳ берди, — хотинларим йилда икки марта — муҳаррам ва ражаб ойларида ош қилиб учта қори чақиртириб, оталарининг арвоҳига қуръон хатм қилдирадилар. Ўша вақтда ошни қориларнинг олдига мен олиб чиқаман ва улар билан бирга ўтириб ейман.
—Ўзингизку, қори, — дедим мен унга, — нега хотинларингизнинг пулини бегона қиласиз, шунинг ўрнига ўзингиз қуръон хатм қилиб, пулларини олсангиз бўлмайдими?
— Хотинлар унамайди, «сиз худони ҳам алдайсиз, қуръон ўқимасдан пулни оласиз», дейишади, — деди Қори-Ишкамба, — лекин мен ҳисобини топдим: хотинлар ҳар бир қори учун етти тангадан қоғозга ўраб, уч қорига йигирма бир тангани менга топшириб, «қориларга чиқариб беринг», дейдилар. Мен йўлакда туриб ҳар бир қоғоздан икки тангасини олиб, чўнтагимга ураманда, қолганини қориларга чиқариб бераман. Натижада ҳар бир қорига беш тангадан тегиб, менга бўлса, олти танга ўлжа бўлади.
— Яъни олти тангани ўғирлайман, денг — деди бойвачча.
— Нега бу иш ўғирлик бўлсин? — деди Қори-Ишкамба бир оз зардаланиб, — мен у четдан чақирилган қорилардан кўпроқ ва яхшироқ қуръон ўқиб қайнаталарим арвоҳига бағишлайман. Буни аҳмоқ хотинлари билмасалар ҳам худо билади.
— Қори амаки, — деди бойвачча, — агар пулдан умидингиз бўлса, дарров бир хокандоз олов келтирингки, оёқларим музлаб кетди, қўлларим ҳам тараша бўлиб қолди.
Қори-Ишкамба ўрнидан туриб, яна ерни гумбурлатиб тепди. Бир минутдан кейин ичкари ҳовлидан унинг олдига бир одам чиқди.
— Ичкаридаги сандалдан бир хокандоз олов олиб чиқ! — деди Қори у одамга.
Бир минутдан кейин у одам «олов»ни чиқариб, зина бошига қўйди. Қори-Ишкамба бориб, хокандозни олиб келди. Хокандоз ичида озгина қўр аралаш кул бор эди. У ўша қўр аралаш кулни хокандози билан сандал ичига қўйди.
— Нега хокандозни, бўшатмасдан, у билан қўйдигиз? — деб сўрадим.
— Бунинг ҳикмати бор! — деди у.
— Қандай ҳикмати?
— Сўнгра англайсиз!
Биз оёқларимизни қўр аралаш кул устига узатдик иссиқлиги жуда оз бўлса ҳам, салдан кейин маҳсилармизга ёпишиб қолган музларни эрита бошлади.
— Сандалингиз бурун «яхдан» бўлса, энди «яходан» бўлди, — дедим унга.
— Зарари йўқ, менинг уйимда кўнглингизга совуқ сув ўрнига «яхоб» уриб кетасиз, — деб у ҳали ҳам менинг ҳақимда шубҳаси борлигини англатди.
— Қани, бўлинг, дафтарингизни тезроқ келтиринг ҳисобингизни тўғрилаб, тезроқ жўнайлик, бўлмаса  бу ерда музлаб қолиб, ажалимиздан беш кун бурун ўламиз, — деди бойвачча.
Қори-Ишкамба ўрнидан туриб, бойваччани бурути  билан имлагани ҳолда, эшикдан чиқди. Бойвачча ҳам бир кўзини қисиб менга қарагандан кейин, унинг кетидан чиқди. Улар болохонанинг саҳнида бир-бировлари билан бир оз пичирлашганларидан кейин, Қори-Ишкамба зинадан тушиб кетди ва бойвачча илжайиб менинг олдимга кирди.
—Қандай гап экан? — деб сўрадим бойваччадан.
— Ҳеч бир гап йўқ, судхўрларнииг одати шу, — деди. — У айтадики, «мен пулни сизнинг қўлингиздан кечасиси олиб, бир бегона одамнинг олдида уйимга киргизиб қўймайман. Мен бориб бир кишини ўзим билан бирга бошлаб келаман. Ундан кейин сизнинг қўлингиздан пулни олиб, биргалашиб кўчага чиқамиз. Сиз йўлдошингиз билан ўз томонларингизга кетасизлар, мен у одам билан бирга пулни олиб бориб, ўзимга маълум бир жойга қўяман. Токи сизнинг йўлдошингиз, «Қори пулни ўз уйида сақлар экан», деб гумон қилмасин.
Бир одамнинг кўнглидаги шубҳа, ишонмовчиликнинг бу даражаси албатта жинниликка ўхшаган бир касалликдир. Жиннидан ҳеч ким ранжимагандек, мен ҳам ундан ранжимайман, унинг менинг ҳақимдаги шубҳасининг бу даражага етгани ва уялмасдан уни бойваччага изҳор қилгани бошида менга қаттиқ таъсир қилган бўлса ҳам, тезда кўнглимдан чиқардим.
Қори-Ишкамба икки минутдан кейин қайтиб келди. Унинг ёлғиз келганини кўриб, бойвачча ундан:
—    Айтган одамингизни топмадингиз шекилли? — деб сўради.
— Ҳали у одамнииг олдига борганим йўқ, бир зарур ишни эслаб йўлимдан қайтдим, — деди Қори-Ишкамба ва изоҳ йўли билан сўзини давом зттирди: — Сиз, икковингиз-ку, бир-бировларингизни яхши танийсизлар, қоронғида бўлса ҳам бир-бировларингизнинг товушларингизни эшитасизлар. Ҳозир гаплашиб ўтиришдан бошқа ишларингиз ҳам йўқ. Бунинг учун чироқ керак бўлмаса керак. Мен лампани зина бошига элтиб қўйиб, ўчириб кетаман. Қелганимдан кейин уни ёқиб ҳисоб-китобимизни қиламиз. Тузукми?
Биз кулдик. Аммо у бизнинг «тузук» ёки «тузук эмас» дейишимизни кутмасданоқ, лампани кўтариб чиқариб, зина бошига қўйди ва пуфлаб ўчирганидан кейин, зинадан тушиб кетди.
— Хўп! — дедим мен бойваччага, бир оз жим турганимиздан кейин, — модомики, биз иккаламиз бир-бировларимизни яхши танир зканмиз, қоронғида бўлса ҳам бир-бировимизнинг товушимизни эшитар эканмиз ва гапиришиб ўтириш учун чироқ ҳам керакмас экан, бас, нега жим ўтирамиз?
— Ундай бўлса гапиринг! — деди у.
— Мен шуни сиздан сўрамоқчи эдимки, отангиз тирик чоғда ва ҳамма олди-бердиларингиз унинг номидан бўлиб тургани ҳолда, сиз нега қарздор бўлдингиз ва: судхўрлар билан муомала қилишгача бориб етдингиз?
— Сизга маълумки, мен отам билан бир дўконда ўтираман, отам хат-саводсиз бўлгани сабабли, унинг бутун ҳисоб-китоби менинг қўлимда. Лекин мен баъзан отамдан яшириб дўкон пулидан ўз орзу-ҳавасимга харжлайман, бу харж баъзида беш юз, ҳатто баъзан минг тангага бориб етади. Баъзан шундай харжимдан кейин, банкка ёки бошқа бирон кишига каттароқ маблағ тўлаш керак бўлиб қолади. Шу вақтда мен қарз кўтариб ундай муомалани тўғрилайман, бўлмаса, отам олдида сир очилиб қолади. Шундан сақланиш учун йўл топиб, пул оламан, буни эса дўкондан кам-кам пул тўплаб киши билмас узаман.
— Хўп, бундай ишлар бойваччалар ҳаётида учрайдиган нарса. Аммо сиз шундай вақтларда нега бошқа бирон судхўр, ёки судхўр ҳиндилардан пул кўтармай. Шу исқиртдан қарздор бўласиз? Бу одам билан бир нафас бир жойда ўтиришннпг ўзи одамнинг бир йиллик умрини қисқартиради.
— Исқиртликда ва бошқа хусусиятларда ҳамма судхўрлар ва судхўр ҳиндилар баравардирлар. Аммо бу одамнинг бошқа судхўрлардап фарқи шундаки, фойда учун бирор танга ортиқ берсам ёки бирон ёғлиқ палов дамлаб егизсам сиримни ўлгунча яширин сақлайди.
Бойвачча билан бизнинг гапимиз шу ерга етганда Қори-Ишкамба эътимодли одамини бошлаб келди. У зина бошида туриб, у одамдан гугурт сўради. Хайриятки, у одамнинг гугурти бор экан, ўша билан лампани ёқиб, болохонага олиб чиқди. У одам ҳам унинг орқасидан кириб биз билан саломлашди. Биз лампанинг ёруғида у одамни танидик: у «Қавказ-Меркурий» номли нақлиёт ширкати жойлашган «Кавказ» саройининг саройбони эди.
Қори-Ишкамба лампани сандал устига қўйганидан кейин, ичкари ҳовлисига кириб дафтарини олиб чиқди.
Бойвачча ички чўнтагидан Бухоронинг минг тангаси билан баравар бўлган бир юз эллик сўм қоғоз ақчани чиқариб, Қори-Ишкамбанинг олдига қўйди. Ундан кейи устки чўнтагидан танга чиқариб ундан йигирма беш ва  ўн беш тийинлик тангани санаб:
— Бу «боласи», — деб, уни ҳам Қори-Ишкамбанин олдига сурди.
Қори-Ишкамба пулларни икки мартаба санади ва қоғоз ақчаларни битта-биттадан чироққа тутиб, ичидаги нишонларни кўзидан кечиргандан кейин, пулларни яна бир мартадан санаб, чўнтагига солди. Ундан кейин дафтарини очиб бу ҳисобни ёзди ва дафтарининг жилдидан бойваччанинг тилхатини чиқариб, унинг қўлига берди.
Биз жўнамоқчи бўлдик.
— Бир оз тура туринглар, бирга чиқамиз, — деди Қори-Ишкамба, бир қўлига дафтарни ва иккинчи қўлига сандалдаги хокандозни олди.
— Бу кулни нима қиласиз? — деб сўрадим Қори-Ишкамбадан.
— Бу ҳали бутунлай ўчгани йўқ, оз бўлса-да, орасида қўри бор, ичкаридаги сандалга соламан. Агар хокандоз билан қўймасдан, сандалнинг ичига бўшатсайдим, бутунлай кул бўлар эди. Энди хокандоз билан қўйганимнинг ҳикматини англаган бўлсангиз керак.
— Англадим! — дедим кула-кула. Қори-Ишкамба дафтар ва хокандозни ичкари ҳовлисига қўйиб чиққандан кейин, йўлакчада туриб:
— Қани тушинглар! — деб бизга товуш берди. Саройбон лампани кўтариб зина бошида турди, биз унинг ёруғида зинадан тушдик. Қори-Ишкамба саройбонга лампани ўша ерга қўйиб ўчиришни буюрди.
Биз кўчага чиқдик. Қори-Ишкамба ҳам саройбонни эргаштириб, бизнинг орқамиздан чиқди. Дарвоза ичкаридан беркланди.
Биз ҳаммамиз пойабзалфурушлик саройигача бирга бордик. У ердан Қори-Ишкамба билан саройбон «Хўжа Муҳаммадий Паррон» тагига қараб йўналдилар, биз Қемўхтгарон кўли томонига қараб бурилдик. Ҳали ҳам ёғмоқда бўлган қорнинг қалинлиги тўпиққа етган эди.

* * *

Кунлардан бир кун Қори-Ишкамба Бухоронинг Мағоқ мачитида бомдод намозини ўқиди, намоздан кейин бўладиган маснавийхонликни эшитди, сўнгра мачитдан чиқиб, эшик олдидаги супачага ўтириб, қандайдир дуоларни ўқиб, тасбеҳ ўгира бошлади.
Шу вақтда оддий деҳқон кийимида бир одам келиб, қўл қовуштириб, унга салом бергандан кейин, мачит эшигининг бошқа бир супачасига ўтириб, Қори-Ишкамбага қарай бошлади.
Қори-Ишкамба у одамни «Мағоқ мачитга назр ататан ва ўзини мачитнинг назрхўри, деб гумон қилган бир деҳқон», деб ўйлади ва ундан кўпроқ назр ундириш учун бир неча минут яна ҳам баландроқ овоз билан дуо ўқиб, тасбеҳ доналарини ҳисоб чўтидай шақирлатиб ўтиргандан кейин, қўлини юзига суртиб, унинг саломига жавоб қайтарди ва унга:
— Хўш, назр-ниёзингиз бўлса чиқаринг, ука! — деди.
— Менинг назр-пазирим-ку йўқ, лекин сиздан қарз сўрамоқчиман, — деди у деҳқон.
— Қанча қарз олиб, қанча фойда бермоқчисиз ва заркафилингиз ким? — сўради деҳқондан.
Қори-Ишкамба билан деҳқон гаплашаётган чоқда Мағоқ мачити олдида дўконлари бўлган атторлар кела бошладилар, улар ўз дўконларини очишдан бурун буларнинг нималар тўғрисида гаплашаётганларига қизиқиб, гаплашувчиларнинг олдиларида тўплана бердилар.
Пул муомаласини ва умуман пул тўғрисидаги ишни ҳаммадан яширишни истаган Қори-Ишкамба одамлар олдида ўзининг бояги сўроқларига жавоб олишни, ўзича «муносиб» кўрмай деҳқонга:
— Туринг, мен билан юринг, бошқа бирон хилватроқ жойга бориб гаплашамиз, — деб ўрнидан турди ва деҳқонни эргаштириб шонатарошлик тор кўчасидаги таҳоратхонага кирди.
Намоз вақти бўлмаганидан у ер таҳорат олувчилардан холи ва бирон одамнинг келиб кириш эҳтимоли ҳам йўқ эди. Шундай бўлса ҳам, Қори-Ишкамба «эҳтиёт юзасидан» таҳоратхона зшигини ичкаридан занжирлади ва деҳқон билан бирга супачага ўтириб, унга ҳалиги саволларни қайта бошдан берди.
— Қанча пул қарз олиб, қанча фойда бермоқчисиз ва заркафилингиз ким?
— Қори амаки! — деди деҳқон, — аввал сиз менинг дардимни эшитинг, у вақтда менинг қанча пулга муҳтожлигим ўз-ўзидан маълум бўлиб қолади ва қанча фойда бериш кераклигим ҳам ўшанда аниқланади,
— Хайр, гапиринг!
— Мен ГалаОсиёга қарашли Бўлмахўрон қишлоқлик, ер-сувли, уй-жойли деҳқонман. Сангсабз қишлоғининг оқсоқоли Арбоб Рўзи ўз ери ёнидаги ерларимни кўлга киргизиш учун устимдан бир жанжал чиқарди. Қишлоғимизнинг оқсоқоли Арбоб Ҳамид ҳам унга ён босди. Ўн беш кун қамалиб чиқиб, кейин қозихона эшигига қатнай-қатнай бу жанжал мажжонан тугаган бўлса ҳам, шу ўн беш кунда қозихонада бўлган беш юз танга харажатни қозикалон менинг бўйнимга юклади. Жанжал устида турган қозикалон одами бу пулни ҳар кунда беш танга фойда шарти билан қозихона самоварчисидан қарз кўтартириб, харажатни тўлаттирди. Мана шу кунги намози бомдодда беш юз танга қарзим — беш юз иигирма беш танга бўлди, агар пешин на-мозигача топиб бера олмасам, беш юз ўттиз танга, хуфтонгача бера олмасам, беш юз қирқ беш танга, эртага қолса беш юз эллик танга бўлади ва шундай бора берса ўн беш кун ўтмай мен бутун ер-сувим ва уй-жойимдан ажраламаи. Шунинг учун арзонроқ фойда ва узоқроқ муддат билан ҳожатимни чиқарармикансиз деб, олдингизга бўйин эгиб келдим.
Қори-Ишкамба «бундай ёғлиқ ўлжа қандай бўлиб қишлоқ ўлимсахўрлари чангалига тушмай, менга келибди, бу орада бирон тузоқ йўқмикин», деб шубҳаланиб деҳқондан сўради:
— Қишлоғингизда ҳолингизни биладиган, ҳалоллигингизга кўнгли тўладиган бирон судхўр бой йўқмидики, сиз уларга бормай, менга келдингиз?
— Бор! — деди деҳқон, — менинг бошимда ўша жанжални қўзғаган Арбоб Рўзи ва унга ён босган Арбоб Ҳамид қишлоқнинг судхўр бойлари, лекин улар, қарзга берган пулларнинг фойдасига қаноат қилмайдилар, балки ер-сувни гаровга олиб, фойда устига фойда замлаб, оз вақтда мени ердан маҳрум қиладилар. Боя сизга айтганимдай, уларнинг бу жанжалдан мақсадлари еримни қўлимдан тортиб олишдир.
— Мен ҳам, — деди Қори-Ишкамба, — ерингизни гаровга олмасдан туриб, сизга пул қарз бера олмайман.
— Тузук, — деди деҳқон, — сиз ҳам еримни гаровга олиб, қарз берсангиз, лекии менинг эшитишимча, сиз қишлоққа чиқиб ер-сув эгаллаб, деҳқончилик қиладиган одам эмас экансиз. Шунинг учун қишлоғимиздан бир киши: «Агар шу кишидан қарз олсанг, еринг ўз қўлингда қолади», — деб мени сизга юборди.
— Ҳўп, — деди Қори-Ишкамба розилик оҳанги билан, — ҳар юз танга учун ойда қанча фойда берасиз?
— Беш танга!
Ҳалигача ҳар юз танга учун ойда икки ярим тангадан ортиқ фойда юзини кўрмаган Қори-Ишкамба «беш танга»ни эшитиб, юраги ёрилар даражада шодланган бўлса ҳам, яна бир оз орттириш умиди билан:
— Йўқ — деди, — ҳар юз танга учун ойда ўн танга берсангиз, бу ишни қиламан, бўлмаса ерингизга кўз тиккан ўша қишлоқ судхўрлари олдига бора беринг!
— Қишлоқ судхўрлари, — деди деҳқон, — жумладан, Арбоб Рўзининг ўзи ҳам, менинг ерларимни гаровга олиш шарти билан ҳар юз танга учун ойда ўн танга таклиф қилдилар. Меп «ерим қўлдан кетади», деб бу таклифни қабул қилмадим. Сизни менга инсофли судхўр, юз танга учун ойида икки ярим тангага рози бўладиган судхўр, деб дарак бердилар. Шундай ҳам бўлса мен инсоф қилиб, қишлоқ бойлари таклиф қилган баҳосининг ярмисини, аммо ўзингиз шаҳар халқидан олиб турган фойданинг икки бараварини такли қилдим. Агар бунга унаман, ўша қишлоқ судхўрлар талаб қилгандай ойда ўн танга талаб қилсангиз, сиз билан улар орасида қандай фарқ қолади? Натижада  барибир менинг ерим оз вақтда қўлимдан кетади. Чунки бундай оғир фойдани тўлай олмайман, сиз дарров менинг ерларимни ўша бойларга соттириб оласиз, лекин ўшанда ҳам шарт қилинган ҳамма фойда унмайди. Бир иш қилингки, «на сих куйсин, на кабоб», на менинг ерларим қўлдан кетсин, на сиз шаҳар халқидан оладиганингиз фойданинг икки баравари бўлган фойдадан маҳрум қолинг!
Қори-Ишкамба ўзининг манфаатига мувофиқ бўлгақ бу сўзга қарши айта оладиган бирор жавоби бўлмаса ҳам, бошқа йўл билан фойдани яна бир оз орттирмоқчи бўлди.
— Хайр майли, боринг, барака топинг, фақат менинг намозхон покиза одамлигимни назарга олиб, дуоларимдан умид қилиб, юз танга учун ойда олти танга фойда беринг, бир ойда бир танга қаерга кетмайди! Ўшанда ҳам сиз учун беш юз танга, ҳар ойда, қозихона самоварчисига берадиганингизга кўра етти юз йигирма танга арзон тушади.
— Хайр майли, боринг, сиз ҳам барака топинг! — деди пешин вақти яқинлашиб қозихона самоварчисига бериладиган пулнинг яна беш танга орттиришидан қўрққан деҳқон, — ундай бўлса, пулни дарров беринг, мен олиб самоварчига тўлай.
— Эй, қизиқ гапирасиз-ку, — деди Қори-Ишкамба, — мен сизни танимасдан қандай қилиб сизга пул бераман? Аввал бориб ер-сувингизни аниқлашим, уни хатлашим керак, бундан бошқа сиз бирор инобатли, ерли-сувли заркафил топишингиз керак. Ундан кейин мен пул бера оламан.
— Хўп, — деди деҳқон, — боринг, ўз кўзингиз билан ерларимни кўринг, қўшниларимдан менинг қандай одамлигимни текширинг. Лекин «заркафил топ» деб ўтирманг, чунки, биринчидан заркафил — қарздор пул бера олмаган вақтда нақд пул чиқариб бериш учун керак. Менинг дўстларим орасида унақанги пулдор одам топилмайди, уларнинг ҳаммалари кундалик меҳнатлари билан кун кўриб юрган одамлар, иккинчидан, заркафил пул эгасининг кўнглини тўлдириш учун керак, меи ўз ерларимни сизга хат қилиб берганимдан кейин агар мен сизнинг пулингизни бера олмасам, сиз дарров ерларимни соттирасиз. Бу орада заркафилнинг нима кераклиги бор?
— Хўп, — деб Қори-Ишкамба бу шартга ҳам рози бўлди.
— Энди ерларимни текшириш ва васиқа қилиш учун қачон борасиз?
— Шу икки-уч кун орасида.
— Жон Қори ака, эрта-индин борииг, самоварчининг гарданимдаги қарзи оғирлашиб кетмасин, — деб деҳқон ўрнидан қўзғалди.
— Тез бориш учун ҳаракат қилиб кўраман, — деб Қори-Ишкамба ҳам ўрнидан турди ва таҳоратхонадан чиқа туриб, деҳқондан сўради:
— Бўлмахўранга борсам сизни ким деб сўроғлай?
— Ҳамроҳрафиқ, — деди деҳқон ва Қори-Ишкамбадан тезроқ боришини яна бир марта ялиниб сўрагандан кейин, тароқчилик кўчасидан ўтиб, растадан чиқиб кетди. Қори-Ишкамба бўлса, катта растага чиқиб, кундалик ишлари орқасидан тушди.

* * *

Қори-Ишкамба Ҳамроҳрафиқ билан қилган суҳбатининг эртасига эрта билан шаҳардан чиқиб, Гала Осиё томонига қараб пиёда йўлга тушди.
Пиёда юришда семизлиги, қорнининг катталигя азоб берса ҳам, у иложи борича тезроқ югурмоқда ва тергаг ботиб, нафаси қисилса ҳам, йўртиб лўкилламоқда эди. Унинг бундай шошилишидан мақсади Гала Осиёдаги қозикалон ноиби қишлоқларга чиқиб кетмасидан бурун бориб ноибхонада топмоқ ва унинг воситаси билан Ҳамроҳрафиқнинг аҳволини текширмоқ эди.
Қори-Ишкамба Гала Осиёга етишиб, ноибхонага кираётганида ноибни от устида учратди. У Қори-Ишкамба кутгандай қишлоқларга чиқаётир эди.
Қори-Ишкамбанинг кириб келишини кўрган ноиб отдан тушди-да, у билан қучоқлашиб кўришди.
Қори-Ишкамба билаи ноиб кўришаётган чоқда ноибхонадаги мулозимлар, сайислар ва отбоқарлар қиқирлашиб кулишдан ўзларини тия олмадилар, чунки буларнинг кўришишлари икки одамнинг қучоқлашиб кўришишидан кўра, кўпроқ ёнма-ён қўйилган икки хумга ўхшар эди — ноиб ҳам Қори Ишкамбадай қорни катта ва семиз бир одам эди. Ноибнинг Қори-Ишкамбада фарқи фақат боши ва юзининг кичиклигида, камсоқоллигида эди, боши шу даражада кичкина эдики, узоқроқдан уни кўрганлар «ғалла тўлдириб оғзи боғланиб қўйилган қанор бўлса керак», деб ўйлар эдилар. Ҳақиқатан ҳам унинг йўғон гавдаси устидаги кичкина бош тутамлаб боғланган тўла қанорнинг оғзига ўхшар эди. Бир-бировларига ёпишганлари ҳолда қўллари бир-бировларининг қўлтиқларига етмаган бу бесўнақай икки дўст ўз аҳволларидан ўзларининг ҳам кулгилари қистаб, кўришиб бўлгач, қўл ушлашиб кула-кула меҳмонхонага кирдилар.
Ноиб, овқат ейишда ҳам Қори-Ишкамбанинг ўзгинаси эди, бу тўғрида унинг фарқи ёлғиз шу эдики, Қори-Ишкамба қорнини ўз ҳужранишинлари ва қарздорлар дастурхонларидан «тўлдирса», ноиб ўтига иши тушга қишлоқ бойларининг ёғлиқ зиёфатларини ейиш билан бирга, камбағал деҳқонларни талаб, тўплаган қўй, қўз ва сўқимларини сўйиб, ўз уйида ҳам ер эди ва камбағалроқ одамларни ўз дастурхони бошига йўлатмас  ҳам, ўзи ва Қори-Ишкамбага ўхшаган қорни катталардан зиёфатини аямасди.
Меҳмонхонага кириб ўтиришлари биланоқ ноиб ўз маҳрамини чақириб, дастурхон буюрди.
— Ҳозирча дастурхон билан бирга бир товоқ яхна гўшт келтир ва дарров икки товуқни қовуришга буюр - деди-да, Қори-Ишкамбага қараб сўради:
— Қандай сабаб билан шаҳардаги жавоб муомалаларингизни ташлаб қишлоққа чиқдингиз?
— Чой буюринг, бир икки пиёла чой ичиб, ҳам ҳордиғимни чиқарай, ҳам қоринни сиз дастурхонга қўядиган таомларни шипириш учун тайёрлай, бир оз дам олганимдан кейин, қишлоққа чиқишимнинг сабабини айтиб бераман. Бир тош йўлни пиёда босиб, жоним ҳалқумимга кела ёзди.
— Э, ҳали пиёда келдингизми? Шундай вақтларда фойдаланиш учун нега бирон улов сақламайсиз?
— Мен тиши бор аррани уйимга йўлатмайману, от ёки эшак сақлайманми? — деди Қори-Ишкамба ва маҳрам олиб кирган чой билан дастурхонга кўзи тушган ҳамон гапдан тўхтади.
Дастурхон ёзилди, яхна тўғралиб ўртага қўйилди ва чой қуйилди.
Қори-Ишкамба овқатдан бурун чон ичмоқчи бўлса ҳам, яхна гўштни кўрди-ю, чойдан кечиб яхна солинган товоқнинг устига бутун гавдаси билан эгилди.
Уй эгаси ҳам ёғлиқ парчаларни олиб оғзига тиқишга ўз меҳмонидан қолишмасди.
Қори-Ишкамба овқат вақтида гапиришга одат қилган бўлмаса ҳам, уй эгасининг ўзидай овқат ейишдан кунлашиб бўлса керак:
— Сиз ҳам ҳалигача овқат емаганми эдингиз? — деб сўради.
— Еган эдим, — деди ноиб, лекин ёлғиз ейилган оватнинг мазаси бўлмайди ва иштаҳа ҳам яхши очилмайди.
— Иштаҳангизни очиш учун сизга ҳамтовоқ керак экан, нега ўз одамларингиздан бирортасини дастурхонга чақирмадингиз.
— Доимий ҳамтовоғим бор — у маҳрамим, у ҳар маҳал дастурхон бошида мен билан бирга ўтиради. Лекин у овқатни жуда оз ейди, «чимхўр ҳўкиз очликдан ўлади», деганларидай, унинг «чилп чилп» қилиб овқатланиши менинг иштаҳамни баттаррок бўғиб қўяди, — деди ноиб ва изоҳ беришга киришди. - Чунончи шу бугун эрта-бир дона қовурилган товуқ билан бир товоқ тўғралган яхнани дастурхонга келтириб қўйдилар, ҳамтовоғим бўлган маҳрамим бир-икки бурда нон билан бир-икки парча яхна гўштдан ортиқ ея олмади. Буни кўриб менинг ҳам иштаҳам бўғилди. Кўнгил тилар-тиламас зўрға товуқни еб тугатдим, аммо яхнадан бўлс уч парчадан ортиқ ея олмадим.
Қори-Ишкамба ўз одатининг аксича ўлароқ, овқат вақтида бир-икки оғиз гапириб, у вақтда товоқдан овқат олиши бирмунча кейинга қолган бўлса ҳам, бунда зиён кўрмади, овқат ейишда дунёда бирдан-бир рақиб бўлган ҳамтовоғини гапга солиб қўйиб, ўзи гўштларн чайнамай юта берди, ноиб ўз чимхўрлигини гапириб бўлгунча яхна товоғи бўшади ҳам унинг ўрнига қип-қизил қилиб қовурилган иккита товуқ келтирилди, бир охурдан кунжара еяётган бир жуфт ҳўкиздай икки дўст товуқ гўшти устига энгашдилар. Энди уй эгаси ҳам индамасдан овқат ейишга киришди, у «олинг-олинг» дейдиган манзиратга ҳам ўрин қолдирмай, товоқдан катта парчаларни кўтараётган ҳамтовоғини меҳмондорли назокати учун ора-сира боши ва қўли билан “олинг” деган маънода имлаб қўйса ҳам, бирон оғиз гапирмасди.
Товуқлар ҳам ейилиб бўлиб, дастурхон йиғиштирилиб олингандан кейин, чой ичиш иавбати келди ва чой вақтида Қори-Ишкамба ўзининг кпшлоққа чиқиш сабабини айтиб бериб, ноибдан унинг қўл остида бўлган Бўлмахўрон қишлоғидаги Ҳамроҳрафиқнинг аҳволин сўради ва
— У билан олди-берди қилсам куйиб қолмасмиканман? — деди.
— Йўқ, куймайсиз, — деди ноиб, — биринчидан, ўзига тинч бир деҳқон, беш таноб милк ери , бир тоқа  ҳўкизи ва бир сигири бор оға-иниси ёки қўлидан иш келадиган катта ўғли бўлмаса ҳам, ўзи ишчан одам бўлганидан ерларини гулбоғчадай обод қилган ва бетаноб ердан ўн таноб, балки ундан ҳам кўпроқ ернинг ҳосилини олади, иккинчидан, у тўғри ва кишининг ҳақидан қўрқадиган одам, учинчидан, жуда содда, софдил ва ишонувчан бир киши, шунинг учун «ёмғирдан қочиб, қорга тутилган» одамдай, қишлоқ судхўрлардан қочиб сизнинг тузоғингизга илинибди.
Қори-Ишкамба ноибнинг бу гапидан завқланиб кулди ва ноиб ўз сўзини давом эттириб деди:
— Мана шундай мулкли, асбоб-ускунали, ўзига тинч, тўғри ва соддадил деҳқонда сиздай одамнинг пули куймайдигина эмас, балки у сизга говмиш сигирдай бир неча йил сут, қаймоқ бера олади.
— Биров уни йўлдан оздириб, ниятидан қайтарса нима қиламан?
— У вақтда, — деди ноиб, — қози калон муҳри билан муҳрлатиб сизга бериладиган бир парча хат сизнинг қўлингизда «ўткир пичоқ» вазифасини бажаради ва у пичоқни ишлатиб, унинг терисини шилиб, сизга топширадиган «қассоб» мен бўламан.
— Демак, Ҳамроҳрафиққа пул қарз беришим маслаҳат?
— Маслаҳат, — деди ноиб, — лекин у қишлоққа бориб, у ернинг катта-кичиклари орасида гаплашиб, васиқа тайёрлашимиз керак.
Ундай бўлса ўша ерга борайлик. — Борамиз! — деб ноиб отларни тайёрлашга буюрди.

* * *

Ноиб билан Қори-Ишкамба Бўлмахўрон қишлоғига етиб бордилар. Умрида бирор марта бўлсин от минмаган Қори-Ишкамба от устида қизиқ кўринар эди: унинг қаватма-қават кийган чопонларининг барлари от устига ёйилиб кетган, салласи олдин тушиб, қош-кўзини босган, печлари очилиб ҳар томонга осилган, ўзи икки қўллаб эгар қошини маҳкам тутган эди ва ноибнинг мулозимларидан бўлган бир отлиқ у минган отнинг юганидан етаклаб борарди.
Кулги учун бўлса керак ноиб, унинг умрида от минмаганлигини била туриб, жўрттага уии совутилмаган, ёш, чарс ва асов бир отга мингизган эди, у минган от ўз ёнида, ўзини етаклаб бораётган отлиқнинг отини тишламоқчи бўлиб, ҳар замонда бир унга оғиз соларди, бошқа бирор отнинг кишнашини эшитганида — икки-уч кишнаб унга жавоб берарди ёки бирор нарсадан ҳурккан бўлиб бир томонга олиб қочмоқчи бўдарди ёки чироқпоя  бўлиб олдинги оёқларини осмонга кўтарарди...
Отнинг мунақа ҳаракатларининг ҳар бирида шўринг  қурғур Қори-Ишкамба ўн марта ўлиб, ўн марта тирилди, «вой ўламан» деб дод деди, аммо ноиб ва УНИНГ одамларидан кулгидан бошқа «ёрдам» ола олмади, ўзини отдан ташламоқчи бўлди, аммо ташлай олмади. Агар унинг отини етаклаб бораётган йигитнинг чаққонлиги усталиги бўлмасайди, ҳақиқатан ҳам у отдан йиқилиб ўлар, ҳеч бўлмаганда боши ёрилиб ва қўл-оёғи синган бўларди.
Бўлмахўрон қишлоғининг аҳолиси ноибни ҳеч вақт шу кунгидай кулги ва қийғос билан қарши олмаган эди, улар ҳар вақт ноиб қишлоқларига кириб келганда «бошимизга яна қандай бало келтирди экан?»деб қайғуга тушардилар. Бу сафар ҳам уларнинг юраклари шундай қайғудан холи бўлмаса-да, Қори-Ишкамбани отга миндириб келиш манзараси уларни кулдирмай қўймади. Кишлоқнинг катта-кичиги, кекса чолларигача кўчага чопиб чиқдилар ва қишлоққа кириб келган «маймунбоз»нинг теварагига йиғилгандай, унинг атрофини ўраб олдилар.
Бу тасодифий қарши олувчиларнинг олдиларида, ҳақиқий ва ҳақиқатни шодлик билан қарши олувчи бўлиб, қишлоқ оқсоқоли Арбоб Ҳамид турар эди. Арбоб Ҳамид отда келаётган ноиб билан ва унинг ишораси бўйича Қори-Ишкамба билан кўришгандан кейин, олдинга тушиб, уларни бошлаб бориб, ўз ҳовлисига туширди.
Ноиб ва унинг йўлдошлари шоҳсупа устига чиқиб ўтиришлари ҳамон, оқсоқолнинг одамлари бир семиз қўзини келтириб супа олдида — ноибнинг кўзи тушадиган жойда сўйдилар. Бу энди оқсоқолнинг ноибини қандай шодлик билан қарши олганининг амалий аломати эди.

* * *

Дастурхон ёзилди, мева-чева тортилди, қишлоқ катталари ҳам ноиб ўтирган супага чиқиб, дастурхон бошига ўтирдилар. Эски тўн фақирлар бўлса, дарахтларнинг тубига, деворнинг тагига ўтириб, «ноиб бошимизга яна қандай балони олиб келди экан?» деб бир-бировлари билан пичирлашмоқда эдилар, Қори-Ишкамбанинг қўринишидан пайдо бўлган кулги ва шодликдан энди асар қолмаган эди.
Халқ орасида Ҳамроҳрафиқни кўрмаган ноиб, унинг қаердалигини оқсоқолдан сўради.
— У явонда  буғдой ўраётган бўлса керак, — деб жавоб берди оқсоқол.
— Бирон одам юбориб, уни чақиртириб келтиринг! — деди ноиб.
Оқсоқол пастда ўтирган бир болани чақириб, Ҳамроҳрафиқни айтиб келишга буюргандан кейин:
— Унда нима ишингиз бор? — деб сўради ноибдан. Ноиб оқсоқолнинг жавобига Қори-Ишкамба билан Ҳамроҳрафиқ ораларидаги бўлажак олди-бердининг хомчўтини ҳикоя қилиб бергандан кейин:
— Бугун сизларнинг ҳузурингизда мана шу ишни узил-кесил қилиб, васиқа тайерлаш учун келдик, — деди.
— Кўп яхши, хуш келибсизлар! — деди оқсоқол ноиб ва Қори-Ишкамба томонга қараб, ўнг қўлини кўкрагига қўйди-да, бошини ҳурмат билан эггандан кейин, гапини давом эттирди:
— Лекин бирор ер, боғ, ё ҳовли сотиладиган ёки гаровга қўйиладиган ва қандай йўл билан бўлса бўлсин, бошқа бирор одамнинг қўлига ўтказиладиган бўлса, шариат юзасидан ҳаммадан бурун у мулкни қўшнисида бўлган мулкларнинг эгаларига таклиф қилиш керак, агар улар «бизга керакмас» десалар, ундан кейин четдан келган одам мулкка қадам боса олади. Аммо ер олувчи Қори акам бўлсалар, бу савдонинг устида оқсоқоллик қилиб, бизнинг вазифамизни енгиллаштирадиган сиз бўлсангиз, биз ҳеч бир сўзсиз бундай ишни қутлаймиз.
— Қори акам бўлсин, ё бошқа бироқ шаҳарлик бой бўлсин, шаҳардан узоқ бўлган бундай қишлоққа келиб деҳқончилик ва мулкдорлик қила олмайди. Ўзининг ҳамқишлоқларини, ўз кўзи олдида, ўз ерига эга қилиб қўйиш аламига чидаёлмаслигини чамалаган Ҳамроҳрафиқнинг ўзи бу ишни топган. Ҳозирча унинг ерини Қори акамнинг номларига хатлаймиз, бу кишининг берадиган қарзлари фойда туғиб, ернинг арзийдиган нархига яқинлашгандан кейин, албатта, уни соттириб, ўз пулларини ундирадилар. У вақтда бу ерни қўшни бўлган мулк эгасига ўтказасизларми, бошқа бирон кишига берасизларми, ихтиёр сизларда. Ҳар ҳолда Қори акамнинг қадамлари ўз қишлоғингизга тегишидан сиз ва қишлоқнинг бошқа катталари зиён кўрмайсизлар. Бу киши қўллари узун, баракали одам, — деди ноиб ва
— Ҳамроҳрафиқ ерларининг ёнидаги ерларнинг эгаси ким? — деб сўради оқсоқолдан:
— Сангсабз қишлоғининг оқсоқоли Арбоб Рўзи, — деб жавоб берди оқсоқол, — ана ўзлари ҳам келиб қолдилар!

* * *

Супанинг олдига келган Арбоб Рўзининг ҳурматига супадагилар ўринларидан турдилар, у супага чиқиб, ноиб, Қори-Ишкамба ва ноибнииг одамлари билан кўришгандан кейин, уй эгаси Арбоб Ҳамиддан юқорига  ўтирди-да, Бўлмахўрон қишлоғининг катталарига қараб:
— Кўрганимиз — кўришганимиз, — деди.
Арбоб Ҳамиднинг одамлари, Арбоб Рўзи ноибга тортиқ қилиб келтирган бир қоп эртаги қовунни ҳовузбўйига териб қўйдилар, устига тўртта қовурилган товуқ қўйилган бир дастурхон, мойли иссиқ патирни бўлса, ҳар жой-ҳар жойга ташлаб ва иккита патир билан товуқларни ноибнинг олдига элтиб қўйдилар.
Ноиб товуқлардан иккитасини дастурхоннинг қуйи томонига итариб, қолган иккитасини ўзи билан Қори-Ишкамбага яқинроқ жойга қўйди.
Ноибнинг, товуқларнинг иккитасини ўз олдидан узоқлаштирганидан жаҳли чиққан Қори-Ишкамба аччиғланган бир вазиятда унга қаради ва шу қараш билан гўё ундан бу «ярамас» ишнинг сабабини сўрагандай бўлди.
Қори-Ишкамбанинг бу қарашининг маъносини тамоман тушунган ноиб юзини буриштиргани ҳолда, унинг кўзига бир тикилиб олди. Гўё шу тикилиш билан «шаҳар халқига кўра тўқроқ бўлган қишлоқ аҳолиси олдида бундай очкўзлик кўрсатиш ярамаслигини» унга тушунтирмоқчи бўлди.
Лекин Қори-Ишкамба, парчалаб супадагиларнинг олдига қўйилган у икки товуқни қўлга киргизишдан  умидини узган бўлса ҳам, кўзини ундан узмас ва қўли ўз олдидаги товуқлар гўштини олиб, оғзига солаётгани ҳолда, назарини бошқа одамлар оғзига кираётган у товуқлариинг гўштидан узмасди.
Ноиб ва Қори-Ишкамба олдиларидаги товуқ қовурмаси ейилиб тугатилмасданоқ, дастурхонга қўзи қовурмаси келтирилди. Қўзи қовурмаси товоқлари бўшаётган чоқда товоқдаги паловларни келтирдилар.
Супадагилар қоринлари ёрилар даражасига етгунча овқатланиб турганда, супадан нарироқда — дарахт ва девор тубларида ўтирган фақир-фуқарони ҳеч бир киши эсга олмас эди. Ҳатто ноибнинг махсус чақириғи билан келган ва бу мойли зиёфатлар унинг устидан ва уни талаш муносабати билан бўлаётган Ҳамроҳрафиққа ҳам ҳеч ким қарамасди. У ҳам эски тўнлар қаторида бир дарахт тубида писиб ўтирар эди.
Ниҳоят бўшаган товоқларни йиғиштирдилар, сарқит овқатлар ҳалиги фақирларга берилди, дастурхон товуқлар олдига қоқилди, чайналган суяклар итга ташланди, қовунлар билан тўлатилган баркашлар қатор қўйилди.
Қовун ёйилиб бўлгандан кейин, унинг қирилган, қирилмаган пўчоқлари ҳам «садақа» қилинди.
Охири Қори-Ишкамба томонидан ўқилган бир дуо билан дастурхонга фотиҳа берилди.

* * *

Ноиб, Қори-Ишкамба билан Ҳамроҳрафиқ ораларида бўлган келишувни ҳикоя қилиб, Ҳамроҳрафиқ ерларига шафилик  даъвосида бўлган Арбоб Рўзининг рухсатини олгандан кейин, Арбоб Ҳамидга қараб:
— Ҳамроҳрафиқни бу ерга чақиринг, оқсоқол! — деди.
Оқсоқолнинг имлаб чақириши билан Ҳамроҳрафиқ супага чиқиб, катталарга салом бергандан кейин, бир бурчакда писиб ўтирди. Ноиб унга қараб Қори-Ишкамбанинг муҳтожликка тушган одамларга «хайрихоҳлиги»дан, лекин уни танимагани учун уиинг ҳақида шубҳада бўлганидан, бу тўғрида ўзи унинг кўнглини тўлдириб «Ҳамроҳрафиқ яхши ва тўғри одам» деб таъриф қилиб ўзи бошлаб уни бу ерга олиб келганини гапирганидан кейин:
— Шу ишни битказсак менга яхшигина хизматона берасан-да, — деди.
Ҳамроҳрафиқ унинг бу «хизматлари» муқобилига «қуллуқ» дегандай қилиб, қўлини кўксига қўйиб бошини эгди.
— Булар ўзаро келишганлари жуда яхши, — деди Арбоб Ҳамид. — Бизку бу савдонинг устида йўқ эдик, сиз айтиб беринг ноиб эшон, қишлоқнинг катта-кичиги буларнинг ораларида қандай муомала бўлаётганини эшитсинлар.
Ноиб Ҳамроҳрафиқ ҳузурида у билан Қори-Ишкамба ораларида бўлган келишув шартларини — фойданинг миқдорини ва беш таноб ерни хат қилиб беришни яна бир марта ҳикоя қилгандан кейин:
— Бизиинг вазифамиз, мана шу шартларга биноан, шаръий васиқа қилиб, муҳрона, котибона, хизматона ва ширинкома олишдир, — деди ва ўз жузгиридан  қоғоз ва қаламдонидан қалам чиқариб, Ҳамроҳрафиққа қараб сўради:
— Қанча пул қарз олмоқчисан?
— Билмасам? — деди Ҳамроҳрафиқ, — самоварчидан беш юз танга қарзим бор, икки кунлик фойдаси билан беш юз эллик танга бўлади.
— Яъни беш юз эллик танга қарз олмоқчимисан? — деб сўради ноиб.
— Ха!
— Хатни муҳрлатиб, қори акага бериб, у кишидан пул олганинггача самоварчининг фойдаси яна йигирма беш танга ортиб, ундан қарзинг беш юз етмиш беш танга бўлади. Шу маблағни олсанг бўладими?
— Бўлади!
— Бошқа харажатлар учуп пақд пулинг борми? Ҳамроҳрафиқ «яна қандай харажатлар бор экан?» деб бир оз ўйлаб туриб:
— Йўқ, бирон қора пулим ҳам йўқ! — дегандаи кейин: — Яна қандай харажат бўлади? — деб сўради.
— Эй, сен дунёдан бутунлай хабарсиз экансан-ку, — дегандан кейин ноиб бошқа харажатларни санай бошлади.
 — Ахир сенинг ишинг устига қадам ранжида қилиб, лаълида тўққиз нон олиб келган катта оқсоқол — Арбоб Рўзига йигирма беш танга қадам ҳақи бермайсанми? Бу билан сенга керак бўлган пул — таппа-тахт олти юз танга бўлади, шунча зиёфатлар қилган ва ўлик-тиригингни бажарадиган ўз қишлоғингнинг оқсоқоли Арбоб Ҳамидга қирқ танга бермайсанми? Жаноби шариатпаноҳ қози калонга муҳрона, менга котибона ва мулозимларига хизматона — ҳаммаси ичида қилиб эллик танга бермайсанми?
Арбоб Ҳамид ноибнинг сўзини бўлиб:
— Бу оз, ҳеч бўлмаганда қозихона харажати учун юз танга бериши керак, — деди.
— Юз танга бериш керак, лекин биз шу эллик тангага қаноат қиламиз, қолгани учун дуо қилсин, — деди ноиб ва ўз гапини давом қилдирди:
— Мана шу оз-оз ҳисобланган харажатларни, самоварчига тўлайдиган пулга зам қилсанг, ҳаммаси бўлиб сенга етти юз танга керак бўлади.
Ноиб Ҳамроҳрафиққа керак бўладиган пулнинг миқдорини аниқлагандан кейин, Қори-Ишкамбага қараб деди:
— Сиз мана шу етти юз тангани нақд берасиз, бунинг бир йиллик фойдасини ҳисоблаб, устига зам қилиб ўша маблағга Ҳамроҳрафиқнинг беш таноб ерини сизнинг номингизга шаръий хат қиламиз, бир йил ўтгандан кейин агар Ҳамроҳрафиқ фойда билан тани пулини сизга тўласа, сизларнинг ораларингиз очиқ бўлади, агар ёлғиз фойдасини тўласа, шу хатнинг ҳукми иккинчи йилга ҳам чўзилади ва учинчи йилида ҳам гап шундай: қачонки, Ҳамроҳрафиқ фойдани ўз вақтида тўламаса ёки умуман тўловдан бош тортса, уни қувиб юбориб ерни бутунлай эгаллашга ёки ерни сотиб, ўз пулингизни ундиришга ҳаққингиз бор.
— Хўп, — деди Қори-Ишкамба, — етти юз танганинг бир йиллик фойдаси устига замлангандан кейин канча бўлади?
— Қанча бўлишини сиз мендан яхшироқ биласиз, — деган ҳолда ноиб ёзиш-чизишга киришди ва ҳисоблаб бўлгандан хейин:
— Етти юз танга, ҳар юз танга ойида олти тангадан, бир йилда беш юз тўрт танга фойда туғар ва агар буни тани пулга зам қилсак, бир минг икки юз тўрт танга бўлар экан, — деди.
— Бу ҳисобингизда мен кўп зарар тортаман, — деди Қори-Ишкамба.
— Қандай зарар? — деб сўради ажабланиб ноиб ва давом этди: — Ахир келишувларингиз ҳар юз тангага онда олти тангадан эмасми?
— Тўғри, олти тангадан, — деб жавоб берди Қори-Ишкамба.
— Шу ҳисоб юзасидан етти юз танганинг фойдаси ойда қирқ икки танга бўлмайдими?
— Шундай.
— Ахир, ўн икки қирқ икки-беш юз тўрт танга бўл майдими?
— Бўлади!
— Ундай бўлса, бу ҳисобда қандай зарар ёки алдов бор? — деди ноиб ғолибона бир оҳанг билан.
— Бу ерда бошқа бир нозик нуқта борки, уни бу каби кунда шундай ҳисоблар билан бош қотириб юрганлардан бошқа одамларнинг тушунишлари қийин, деди Қори-Ишкамба кулимсираб.
— Ундай бўлса бнзга ҳам ўша «нозик нуқта»ни тушунтиринг! — деди ноиб аввалги жиддий оҳанг ва ўз қилган ҳисобга бутунлай ишонган вазиятда.
— Мана бундай, — деб изоҳ беришга қиришди Қори-Ишкамба, — мен шаҳар халқига пул қарз берсам фойдасини ойма-ой оламан ва ҳар ой фойдадан ундирган пулларимни яна бировнинг «ҳожатини чиқариш учун қарзга бериб, ундан ҳам фойда оламан. Амм Ҳамроҳрафик укамга бераднган пулимнинг фойдасин бир йил ўтгандан кейин оладпган бўлсам, менинг фойдадан унадиган пулларим унинг қўлида бекор ётган бўлади. Бу мен учун катта зарар.
— Хўп, фойдаларингизнинг фойдаси бир йилда қанча бўлади? — деб сўради ноиб бир оз бўшашиб.
— Масалан, — деди Қори-Ишкамба бир неча минут бармоқларини букиб-очиб, жим тургандан кейий касрларни ҳисобга олмай «деҳқонлар тушунадигандай  қилиб айтсак, биринчи ойда унадиган қирқ икки танга ўн бир ойда йил охиригача (ҳар юз танга ойда олти танга юзасидан) йигирма етти ярим танга фойда туғади. Иккинчи ойдаги қирқ икки танга ўн ойда йигирма беш танга фойда туғади ва ҳоказо; агар буларнинг ҳаммасини йил охиригача ҳисобласак бир этак пул бўлади.
— Хўп, энди тушундим, — деди ноиб тамоман қаноатланган ҳолда, — лекин бунинг умумий хулосасини, мен чиқара олмайман, ўзингиз ҳисоблаб беринг!
— Жоним билан, — деган ҳолда Қори-Ишкамба ноибнинг олдидаги қалам-қоғозни олиб, ҳисоблай бошлади ва бир оз ёзиб-чизгандан кейин:
— Бир йилда етти юз танга фойдасининг фойдаси (ўзимча, айтганда «навираси») бир юз олтмиш беш танга бўлади, — деди.
— Демак бу маблағни аввалги бир минг икки юз тўрт тангага зам қилсак, — деди ноиб, — Ҳамроҳрафиқнинг Қори акамдан бир минг уч юз олтмиш тўққиз танга қарздор бўлиши керак бўлади. Шундай эмасми, Қори ака?
— Шундайку-я, — деди Қори-Ишкамба, — лекин бунақа ҳисобларда касрларни кўп ҳисобга олиб ўтирдилар, шунинг учун «деҳқонлар тушунадиган» қилиб тўппа-тўғри бир минг тўрт юз танга ёзинг қўйинг! Ҳалигача натижасини кутиб жим турган Ҳамроҳрафиқ, бу гапни эшитиши билан, тутун чиқариб куйиб урган ўтнинг бирдан алангаланганидай ўрнидан ирғиб туриб:
— Уйимни куйдирмоқчи бўлсанглар, ўт қўйиб бирдан ёндиринглар, еримни сотиб бўлиб олинглар, ўзимни қишлоқдан қувиб юборинглар, булар билан ҳам кўнгилларингиз тинчимаса, ўзимни тутиб олиб бориб, амир зиндонига қаматинглар ёки дорга остиринглар, аммо асло ўз ихтиёрим билан бундай савдога рози бўла олмайман, — деди.
Мажлисдагилар Ҳамроҳрафиқнинг бу қилиғига пиқирлашиб кулиб бўлгандан кейин, Арбоб Ҳамид унга араб:
— Ҳамро ука, рози бўлмасанг, майлинг, — деди, — юкинг қонингни бузмасдан, жойингга ўтир ва менинг гапларимга жавоб бер!
Ҳамроҳрафиқ ўтирди, оқсоқол ундан сўради:
— Шу балоларни сенинг бошингга мен келтирдимми?
Ҳамроҳрафиқ бу саволга жавоб бермагач, оқсоқол сўзини давом эттирди:
— Сен Арбоб Рўзи акамнинг етимлари — Тўрамурод билан Баҳовуддингами, бошқа бир жойгами бординг, икки кундан кейин сен соғ-саломат келдинг, аммо ундан дарак бўлмади. Арбоб сендан сўраганларида, сен «Мен ишлмайман, унга нима бўлган, мендан ажралиб аллақайси томонга кетди», деб мужмал жавоб бердинг. Лекин дўст-душман орқа-олдингда Тўрамуродни Ҳамроҳрафиқ ўлдирган деб гап тарқатдилар. Буни эшитган ҳокимлар сени жавобгарликка тортдилар. Шукурки, текширишдан сен оқланиб чиқдинг, бўлмаса сени ё ўлдирардилар ёки ўн минг танга хун пулни берардинг. Лекин сенинг бошингга тушган жанжалга бўлган харажатни мен ёки Арбоб Рўзи акам, ё бўлмаса бошқа бирор киши берармиди? Мана ўшандай катта балодан сен беш юз танга билан қутулдинг. Бу ергача мени ё бошқа бирон кишини бу ишда гуноҳкор қила олмайсан. Бундан буёни бўлса, ўзинг қилган иш.
Ҳамроҳрафиқ бу гапларни эшитмагандай бўлиб, ерга қараб ўтирар эди. Арбоб Ҳамиддан кейин ноиб гапға киришди:
— Ҳамро, менга қара, Қори акани сенга мен топиб бердимми? — деб сўради.
Ҳамроҳрафиқ жавоб бермагач, ноиб дўқ уриб:
— Менга қараб, гапимга жавоб бер дейман, — деди.
— Йўқ! — деди кўзипи ердан узмасдан Ҳамроҳрафиқ.
— Ким топиб берди?
— Ўзим.
— Қори аканинг ошналари бўлган домла имомим дарак берган ва бунинг ўзи бориб топган, — деди Арбоб Ҳамид.
— Домла имом қаерда? — деб сўради Қори-Ишкамба оқсоқолдан.
— Бу ишга аралашгани учун койиб эдик, аччиғланибми, уялибми мачитни ташлаб қаёққадир кетган.
— Домла имомингизнинг ҳам ақли йўқ экан-да, шундай туҳматчининг ишига аралашипти, — дегандан кейин ноиб яна Ҳамроҳрафиқдан сўради.
— «Ҳар юз тангага ойда олти танга фойда бер», деб мен сенга далолат қилдимми?
— Йўқ.
— Букунги мажлисда бўлса, мсн сенга ён босдим Қори ака билан талашдим, шундай бўлса ҳам сен мени ўзингга зулм қилганлар қаторида санайсан.
Ноибдан кейин Қори-Ишкамба гап бошлади:
— Ҳамро ука, — деди у юмшоқ оҳанг ва кулимсираб турган вазиятда, — мен сени қидириб топмадим, сен мени ахтариб бординг, бошқалар сендан талаб қилган ўн танга ўрнига мен олти тангага рози бўлдим, «тезроқ бориб ишни битказинг», деб ўзинг ялиндинг-ёлвординг кейин мен келдим. Хўш, шу ишда менинг қандай гуноҳим бор?
Ҳамроҳрафиқдан ҳеч бир садо чиқмагач, Қори-Ишкамба яна давом қилди:
— Эҳтимол сенга менинг фойдага фойда зам қилганим ёқмагандир. Агар шундай бўлса, сен етти юз танга учун ҳар ой бошида қирқ икки танга нақд пул олиб бориб менга беравер. Шу билан сен йилда яна бир юз олтмиш беш танга тўлашдан қутуласан.
— Меҳнаткаш деҳқон ҳар ой бошида нақд пул тополмайди, — деди Ҳамроҳрафиқ, — деҳқоннинг қўлига пул ҳар йил йиғим-теримдан кейин киради.
—Ундай бўлса, бу савдонинг баҳридан ўт, мендан хафа бўлма, мен жўнайман, — деб Қори-Ишкамба жойидан қўзғала бошлади.
Лекин Ҳамроҳрафиқ бу савдонинг баҳридан ўтолмасди, кунда йигирма беш танга «туғаётган» самоварчининг беш юз тангаси тегирмон тошидай унинг бошида айланмоқда шунинг учун у, Қори-Ишкамба билан келишув фикрига тушиб:
— Кечирасиз, Қори амаки, — деб юмшашиб, сўзга киришди. «Қетиш учун ўрнидан қўзғалган» Қори-Ишкамба гўё унинг сўзини зшитмоқчи бўлиб ўрнига ўтирди. Ҳамроҳрафиқ давом қилди:
— Мен бошимга тушган бу оғир кунларнинг ҳаммасини тақдиримдан кўраман, лекии шу қадар оғир юкнинг устига сизнинг томондан ҳеч бир сабабсиз, баҳонасиз, қўшилган ўттиз бир тангани, мен «дард устига чипқон» дейман, ҳеч бўлмаса шу ўттиз бир танга сиз учун арзимас бир нарсадир, аммо мен каби ботқоққа ботган одам учун жуда оғир бир юк.
— У ўттиз бир танга ҳам сабабсиз эмас эди, — деди Қори-Ишкамба бир оз жиддият билан, — фақат унинг сабабини бу ерда айтишни муносиб кўрмаган эдим.
— Қандай сабаби бор экан? — деб сўради Ҳамроҳрафиқ ажабланиб.
— Мен, — деди Қори-Ишкамба, — шаҳар халқининг бирисига агар етти юз ёки минг танга қарз берсам, қарздор пулимнинг фойдасини ойма-ой, ўз вақтида тўлаш билан бирга кунда ёки кун оралаб мени зиёфат ҳам қилиб туради. Сен мендан бир минг юз танга қарздор бўла туриб, ҳеч бўлмаганда, бир йилда ўттиз бир танга зиёфат пули бермайсанми?
— Аммо сиз бу гапни менга бир-бировимиз билан келишган вақтимизда айтмаган эдингиз.
Ҳамроҳрафиқнинг бу гапига жавоб тополмай шошиб, қолган Қори-Ишкамбанинг ёрдамига Арбоб Ҳамид етиб келиб, сўзга киришди:
— Хайр, Қори ака, гап зиёфат устида қолган бўлса осон, деҳқон одамнинг зиёфати қовун, тарвуз мева-чева бўлади. Сиз Ҳамро укамнинг ҳожатини чиқаринг, у ҳар сафар шаҳарга борганида қовун, тарвуз ёки бошқа хил мевалардан олиб бориб сизни йўқлаб туради.
Оқсоқолнинг бу битимига Ҳамроҳрафиқ бош қимирлатиш билан розилик аломати кўрсатганидек, Қори Ишкамба ҳам розилик ўрнида илжайиб қўйди.
Бу ҳолни кўрган ноиб қалам, қоғозни қўлга олиб:
— Афтидан, келишдингизлар чоғи, энди қарздорлик маблағини бир минг уч юз олтмиш тўққиз танга ёзай-ми? — деб Қори-Ишкамбага қаради.
— Майлику-я, — деди Қори-Ишкамба, — лекин бир минг уч юз олтмиш тўққиз танга» деган гапни айтиш жуда қийин — одамнинг тилига оғир келади. «Бир минг уч юз етмиш танга» деб ёзсангиз, айтишга бир  осон бўларди, Ҳамро укам ҳам бир танганинг сарбозорига бормасин, агар кўзи қиймаса, мен учун олиб борадиган қовундан тўртта камроқ олиб борсин.
Мажлисдагилар Қори-Ишкамбанинг бу гапига пиқиллашиб кулиб юбордилар, кутмаган вақтда бундай оғир қарз остида қолган Ҳамроҳрафиқ қайғу тоғи остида қолгандай эзилаётган бўлса-да, у ҳам Қори-Ишкамбанинг бу даражага етган очкўзлигига илжайишдан ўзини тўхтата олмади.
Ноиб васиқани ёзиб бўлганидан кейин, Ҳамроҳрафиқдан сўради:
— Беш таноб мулк ерингни Қори-Исматулла жанобларига бир минг уч юз етмиш танга бадалига «шаръий бай» билан сотдингми?
— Сотдим.
— Пули тегдими?
— Ҳали пулини олганим йўқ-ку!
— Ҳозир сен «олдим» деб иқрор қил, шаръий томони тўғри бўлсин. Васиқани шариатпаноҳ жаноблариг муҳрлатиб, Қори акага топширган вақтда, у киши пулини оқсоқол ҳузурларида сенга берадилар.
— Хўп, олдим! — деди Ҳамроҳрафиқ. Шу билан Ҳамроҳрафиқ, қўлига бирор пул кирмагани ва бундан буён ҳам кирмаслигини аниқ бўлган ҳолда Қори-Ишкамбадан бир минг уч юз етмиш танга қарздор бўлиб, ердан ажралди ва ўзи шу кундан бошлаб унга қул бўлиб қолди.
Мажлисдагилар тарқалишга ҳозирландилар, супадаги катталар жойларидан туриб, кўчага чиқдилар ва «меҳмонлар»ни узатиш учун йўлнинг бир томонида қаторландилар. Дарахт ва деворлар остида ўтирганлар ҳам кўчанинг бошқа бир томонида саф тортдилар.
Ноиб супадан тушиб, отга минди, унинг кўрсатиши, билан Қори-Ишкамбани ҳам келишда мингани чарс отга кўтариб миндирдилар, бир отлиқ у отнинг юганидан тутди. От ўйнамоқда ва Қори-Ишкамба «вой ўлдим» деб додламоқда эди.
Ноиб тўдаси шундай «тантана» билан дарвозадан чиқаётганда омма орасидан бир йигит югуриб келиб ноибга:
— Ҳамроҳ акамнинг шунча хонавайрон бўлишига сабаб бўлган, йўқолган Тўрамурод келди, — деди.
Ноиб бу гапга унча эътибор бермаган бўлса ҳам, ҳамма: «Келди-келди, Ҳамроҳ қутулди...» деб вағирлашиб шодлик кўрсата бошлади. Орадан кўп вақт ўтмай Тўрамурод ҳамманинг кўзига кўринди, у одамлар билан бир-бир кўришиб-сўрашиб келмоқда эди.
Аммо Ҳамроҳрафиқ унинг бундай секин юришига чўл бермади:
— Тез бўл, мен билан бирга юр, ноиб эшонга ўзингнинг ўлдирилмаганлигингни, сенинг йўқолишингдан менинг хабарсизлигимни айт! — деб унинг қўлидан тутиб, от устидаги ноиб олдига олиб келди ва унга қараб:
— Ана, бундан ўзингиз гап сўраб кўринг! — деди. Ноиб истар-истамас Тўрамуроддан.
— Сен қаёққа йўқолиб кетган эдинг? — деб сўради.
— Мен, — деди Тўрамурод, — амаким Арбоб Рўзининг эшикларида беш йил ишладим, эски кийим ва моғорлаган нондан бошқа нарсани кўрмадим. Бундан уч ҳафта бурун Азизобод қишлоғига тушган синглимнинг бетоб бўлиб ётганини эшитдим, унга иссиққина бир-икки бозор нони олиб бориш ва агар керак бўлиб қолса эшон, табиб ва фолбинга бериш учун оқсоқол амакимдан беш танга сўрадим, бермадилар, у кишининг бу ишлари нафсимга жуда қаттиқ тегди. «Бундан буён у кишининг эшигига оёқ босмайман», деб чиқиб кетдим. Ҳамроқ акам Баҳовуддинга бораётган эканлар, у киши билан йўлга тушдим. Лекин Баҳовуддинга борганимиздан кейин «оқсоқол эшитиб қолиб орқамдан одам юбормасинлар», деб қаёққа боришимни Ҳамроҳ акамга ҳам айтмай, секингина қочдим. Синглимнинг қишлоғида Ҳамроҳ акамни «Тўрамуродни ўлдирган» деб қамоққа тиққанларини эшитган бўлсам ҳам, синглимнипг касали оғирлашганидан ўз вақтида келолмадим. Ахир бечора синглим ўлди.
Тўрамурод кейинги жумлани айтганида кўзидан милдираб оқа бошлаган ёш томчиларини енги билан артганидан кейин, яна ўз гапини давом эттирди.
— Унинг ўлигини кўмиб, худойи-мудойини ўтказганимдан кейин, бу томонга қараб шошилдим.
Тўрамурод ўз сўзини тугатгани ҳамон, Арбоб Рўзи ноибга яқинлашиб:
— Арзим бор, тақсир! — деди.
— Гапиринг.
— Бу боланинг (Тўрамуродни кўрсатиб) ота-окасини мен кўмдим, бунга икки юз танга сарф бўлди, ўзини боқиб, ўстирдим, бунга ҳам тахминан икки юз танга харж бўлгандир. Энди қўлидан иш келадиган бўлиб менга ишлаб, ўз қарзини тўлайдиган вақти келганда мендан қочди ва бу гуноҳини сизнинг олдингизда ўз тили билан иқрор қилди. Шариатпаноҳ жанобларини ноиблари бўлган сиз жанобдан бу болани қамоққа олиб, бошқа етим-есирларга ибрат бўларли даражада танбеҳ беришингизни, боши деворга тегиб, ялиниб-ёлворганидан кейин менинг қўлимга топширишингизни сўрайман.
Ноиб Арбоб Рўзининг гапига:
— Дуруст, — деб жавоб берганидан кейин ўз одамларидан бирига қараб:
— Бу болани боғла, — деди.
Ноибнинг одами қўлини орқасига боғлаётганда, Тўрамурод писанд қилмай кулар эди.
— Танида жони бор ҳар бир кишини йиғлатадиган бу аҳволга нега куласан? — деб Ҳамроҳрафиқ Тўрамуроддан сўради.
— Мен бу кун ўттиз яшар бир одам бўлганимда Арбоб Рўзининг эшигига келганимда йигирма яшар йигит эдим. Лекин тақдир мени соқол-мўйловсиз —кўса яратган — Арбоб мени «бола» дегандай, ноиб эшон ҳам «бола» деяётирлар. Бойлар, зўравонлар бечор одамнинг молини, ерини тортиб олиб, куч-қуввати меҳнатидан фойдаланиш билан қаноатланмайдилар, лозим кўрсалар, унинг ёшини ҳам ўғирлаб оладилар. Мен ана шу аҳволга куламан, — деди Тўрамурод.
— Она сутинг оғзингдан кетган эмас-ку, сен ўзингни қандай «ўттиз яшар» деяётирсан? — деди Қори-Ишкамба.
— «Икки одам гувоҳлик берса, шариат бўйича, бу одамни ўлдиртира олади» дейдилар. Ҳали сенинг «болалигингга» икки одамгина эмас, уч «мўътабар» зот гувоҳлик берди. Сен ҳам жимгина ўзингни «бола» деб кета бер, — деди оёқ яланглардан бири пичинг қилиб, одамнинг гапига халқ пиқирлаб кулиб юборди.
— Кўп вайсама, аҳмоқ! — дегач, ноиб ҳалиги оёқялангга қараб отини сура бошлади.
Ноибни кузатиш уни қарши олишдай шовқин-сурон бўлмади. Бу гал Қори-Ишкамбанинг от устидаги вазияти ҳам одамларни кулдирмади, халқ қўли орқасига боғланиб ноиб тўдасининг олдида олиб борилаётган Тўрамуроднинг аҳволидан қаттиқ қайғуга тушган эди ва одамлар ўзаро гурунглашиб Арбоб Рўзини қарғаб, ноибни сўкмоқда эдилар.

XI

Бир куни Қори-Ишкамба Бухоронинг чойфурушлик растасидан ўтиб ҳовлисига кетаётганда кўмир бозорининг тор кўчасига кирганда от, эшак боғланадиган сайисдан «Қори амаки, Қори амаки» деган товуш эшитди. Аввал «бирон киши, бошқа бирон қорини чақираётгандир» деб эътибор бермасдан ўтиб кетмоқчи бўлди
сокин такрорланган бу чақириқ товуши қулоғига таниш эштилганидан йўлидан қайтиб, сарой дарвозаси олдига, келиб саройнинг ичига қаради.
Чақирувчи, отини саройбонга топшираётган сангибзлик Арбоб Рўзи эди.
Арбоб Рўзи саройбонга «отни бошқа отлардан узоқроқ боғла, уришиб бир бало қилмасин», деб тайинлашдан кейин, келиб сарой дарвозаси олдида турган, Қори-Ишкамба билан саломлашиб кўришди.
Арбоб Рўзи Қори-Ишкамбадан ҳол-аҳвол сўрагандан кейин:
— Менинг сизга бир зарур ишим бор эди, шу кун қишлоқдан сиз билан учрашиш учун келиб эдим, у кишини «қаердан топарканман» деб ўйлаб турганимда, ўзингизга кўзим тушиб қолди. Худо ишимни ўнг келтирди -деди.
Кўп яхши, — деди Қори-Ишкамба, — Хизрни йўқлаган, уни кўрар, деганлар.
— «Айиқни йўқласанг, таёқни қўлингга ол!» ҳам деганлар,— деди Арбоб Рўзи кулиб, — ҳар ҳолда кўп овора бўлиб юрмасдан сизни учратдим.
— Лекин менинг ҳовлимда от боғларлик ва меҳмон тунарлик жой йўқ, — деди Қори-Ишкамба, Арбоб Рўзи айтган мақолдан кулгисини тўхтатгандан кейин.
— Майли, — деди Арбоб Рўзи, — агар кечга қолсам, отимга жой топиб берган саройбон ўзимга ҳам жой топиб берар.
— Хўп, ишингизни гапиринг!
— Мен сиздан беш-олти танга қарз
— Жим, — деди Қори-Ишкамба Арбобнинг оғзид «танга қарз» деган гапни эшитган ҳамон — бундай жойда бунақа гапни гапириш муносиб эмас.
— Ундай бўлса, бирор самовархонага борайлик,
— Самовархонада ҳам гапириб бўлмайди, унда дўст бор душман бор, одамларни таниб ва уларга ишониб бўлмайди.
— Хўп, қаерда ўтиришиб гаплашамиз?
— Мен билан бирга юринг, бирор хилват жой топаман, — деб Қори-Ишкамба олдин тушди ва орқасидан эргашган Арбоб Рўзини бошлаб бориб, янада торроқ бир кўчага кирди.
Қори-Ишкамба бораётиб ўз кўнглида «бу одам мен кўп катта бой деб ўйлаган эдим, қандай бўлиб қарз олишга муҳтож бўлди? Ёки мени бирор тузоққа туширмоқчими?...» деб ўйлар эди.
Икки йўлдош жим бораётиб, бир долон — усти ё  йўлакка етишди. У йўлакнинг охирида биргина ҳона бўлиб, унинг ҳам эшиги ташқи томонидан қулфланган эди. Ундан наридаги тор кўчанинг боши берк бўлиб бирон ўткинчининг келиш-кетиш эҳтимоли йўқ эди.
— Ана шу ер жуда соз, — деб Қори-Ишка йўлакнинг таг синчига ўтирди-да, Арбоб Рўзини ҳам ёнига ўтқазиб:
— Хўп, энди гапиринг! — деди.
— Мен сиздан беш-олти танга қарз сўраб келган эдим.
— Кўп яхши, қанча керак?
— Минг танга.
— Бу пул кимга керак?
— Ўзимга.
— Сиз Ҳамроҳрафиққа пул қарз бериб, унинг дарини ўз номингизга хат қилдирмоқчи эдингиз чой андай воқеа юз бердики, ўзингиз пулга муҳтож либ қолдингиз?
— У ёқларини текшириб ўтирмаиг, Қори ака! Агар менга ишонсангиз, мен сўраган пулни берасиз, мен олиб бориб, у пулни хоҳ ўзимнинг бирор дардимга дармон қилай, хоҳ бирор ҳовуз, ёки кўлга ташлай, у мен ишим. Сиз мендан ой бошида фойда олишни ва ваъда бошида тани пулингизни тўлатишни билинг! — деди Арбоб бир оз аччиғи келгандай бўлиб.
— Дурустку-я, — деди Қори-Ишкамба юмшоқлик билан, — менинг қишлоққа оёқ босишимни ёқтирмаган бир одам, ўзи келиб, мени қишлоққа қараб тортса мен шубҳаланиб текширишга ҳақлиман.
— Бу гапингиз тўғри, — деди Арбоб аввалги шаштимдан тушиб, — ҳақиқатан ҳам мен сизнинг Ҳамроҳрафиққа қарз берганингизни ёқтирмаган эдим. Чунки менинг оғзимга тушаёзган ёғлиқ луқмани тортиб олган эдингиз, сўнгра бир воқеа юз бердики, мен сиз билан келишмоқчи, бирлашмоқчи бўлдим.
— Қандай воқеа юз берди?
— Бир кун бозордан саройда қолдириб келганим ҳалиги отни олиб келдим. Уйда ундан бошқа улоқчи яхши бир отим ҳам бор эди. Лекин, у чимхўр эди — емни яхши емас эди, берган емнииг ярмисини қолдирарди. Мен «бу икки от қизиқиб емни яхшироқ есин» деб иккаласини бир-бировига яқин ерга боғладим. Лекин улар бир-бировига қизиқиб емни яхшироқ ейиш ўрнига, бир-бирови билан кукилашиб, тепишиб, тишлаша бошлади. Натижада ҳар иккаласининг ҳам еми ейилмай қолди ёки жуда оз ейилди.
— Бағишланг, Арбоб, — деди Қори-Ишкамба, — мен сизнинг бу узун ҳикоянгизнинг маъносини тушуна олмадим, бошим оғрий бошлади, қисқа қилиб, биз иккаламизнинг орамиздаги муносабатга дахлдор жойни айтиб беринг!
— Ҳаммаси ҳам бизга дахлдор, шошилманг, ҳозир тугатаман, — дегандан кейин Арбоб ўз ҳикоясини давом эттирди:
— Отлар икки кунни мана шунақа тепишиш, уришиш билан ўтказдилар, емдан ҳар иккови ҳам гўёки бутунлай маҳрум бўлиб қолдилар. Лекин учинчи кун келишибдилар, охурни ялагандай қилиб емни ебдилар, ундан кейин ҳар қанча кўп ем берсам ҳам, тўймагандай, еб тугата бердилар.
— Хўп, бу ҳикоянинг бизга дахлли ери қайда? — деб Қори-Ишкамба ўз суҳбатдошининг сўзини яна бўлди.
— Мана шундай, — деб Арбоб яна гапира бошлади, — бизнинг қишлоқларда пулга муҳтож деҳқонлар жуда кўп, менинг ўзим, ёлғиз ўз сармоям билан уларни қаноатлантириб, уларнинг ҳаммасидан фойдалана олмайман! Яъни чимхўрлик қиламан, олдимдаги «таом» ортиб қолади. Сиз каби шаҳар кишиси ҳам қишлоқ билан кўп олди-берди қила олмайди, чунки қишлоқнинг паст-баландини билмайди. Қишлоққа чиқиб судхўрлик ҳавосига тушиб, ўз пулини кўмдириб қайтган бир неча шаҳарликни кўрганман, қишлоқ халқидан фойдаланиш учун қишлоқи бўлиш керак, «туя гўшти учун ит тиши керак» дейдилар. Агар ит тишига бўрининг тиши ҳам қўшилса, туя гўшти жуда ҳам покиза қилиб осонлик билан ейилади.
— Демак сиз мендан пул қарз олиб бошқаларга тарқатасиз, шундайми?
— Албатта шундай.
— Хат сизнинг номингиздан бўладими, ё ўша ҳақиқий қарздорнинг номидаи?
— Сизга бериладигап хат албатта менинг номимдан бўлади ва сиз берган пул учун сизга мен важ айтаман.
— Хўп, ҳар юз тангага ойда неча танга фойда берасиз?
— Уч танга!
— Йўқ, — деди Қори-Ишкамба, — мен ўзингизнинг кўзингиз олдида Ҳамроҳрафиққа ҳар юз тангани ойда олти тангадан қўйдим, сиз ундан озроқ беринг, ҳа, юз  танга учун ойда беш танга беринг!
— Бунақа гапларингизни бориб Ҳамроҳрафиқдай одамларга айтинг, менинг икки оёғим ҳали бир этикка тиқилган эмас, — деди Арбоб Рўзи, — сиз шаҳар халқига ҳар юз тангани ойда икки ярим тангадан фойдага қўяётирсиз, мен буни жуда яхши биламан, шундай бўлса ҳам, мен сизга ҳар юз танга учун ойда уч танга бермоқчиман, — деб ўрнидан турди ва ўзини кетмоқчи, бўлгандай қилиб кўрсатиб:
— Бу «қатиқли ош», тиласангиз ичасиз, тиламасангиз қайтарасиз, — деди.
Бундай иштаҳани келтирувчи «қатиқли ош»дан маҳрум қолиш қўрқинчи билан Қори-Ишкамба Арбобга:
— Қаёққа кетяпсиз? Ўтиринг, ахир, ишни битказайлик, — деди.
— Билмасам, сиз унамагандай бўлиб кўриндингиз. Қеч бўлмасдан қишлоққа қайтай деб турган эдим, — деди Арбоб ва истамагандай бўлиб, қайтиб ўз ўрнига ўтирди.
— Хўп, хатни қачон берасиз?
— Сиз рози бўлсангиз, эртанинг ўзидаёқ хатни тайёрлаб муҳрлатиб олиб келаман.
— Қанча ерни хат қиласиз?
— Икки таноб.
— Тўрт таноб ерни хатга солсангиз яхшироқ бўларди.
— Агар менга кўнглингиз тўлган бўлса, шу икки та-ноб ерни хат қилганим билан пул бера беринг, гапни кўп чўзиб ўтирманг, менинг бир таноб еримни икки минг тангага оладилар. Мен Ҳамроҳрафиқ эмасман, — деб Арбоб аразланиб ўрнидан турмоқчи бўлди.
Қори-Ишкамба унинг тиззасидан босиб ўтқазди:
— Хайр, майли, боринг, хатни тайёрланг, — деди, лекин зиёфат тўғрисида ҳам бир ўйлаб кўришингиз керак.
— Зиёфат мен учун жуда енгил нарса, — деди Арбоб, — шаҳар халқи сизни бир товоқ палов билан зиёфат қилса, мен хар борганингизда қўй сўяман.
— Мен бундай узоқ йўлга қандай қилиб пиёда бораман.
— От юбораман.
— От минишга қўрқаман.
— Арава юбораман.
— Бу дуруст! деди Қори-Ишкамба.
— Энди бир биримиз билан бутунлай келишдик шекилли, хўп кеч ботмасдан мен қишлоққа жўнай, — деб Арбоб ўрнидан турди.
Қори-Ишкамба ҳам ўрнидан турди, ўз «дўсти»ни сарой олдигача кузатиб бормоқчи бўлди. У билан бирга йўлга тушгач, тайинлади:
— Биз келишдик, иш битди. Энди айтиб беринг-чи, бу пулни кимга берасиз?
— Бу тўғрида сизнинг ишингиз бўлмасин, боя айтганимдай, сиз ҳар ой бошида минг танга учун ўттиз танга фойда олишингизни билинг! «Узумини егину, боғини суриштирма», деганлар.
— Хўп, кимга беришингизни сўрамайман, аммо ўша одамни ҳар юз танга учун ойда неча тангадан фойда беришга унатдингиз?
— Ҳали бу тўғрида бирор киши билан узил-кесил бир қарорга келган эмасман, ҳар ҳолда сиз учун қуруқ хизмат қилмайман, ҳар юз танга учун ойда тўрт танга берарлар, беш танга берарлар.
— Ўн танга, хеч бўлмаганда, саккиз танга оларсиз, — деди Қори-Ишкамба кунлашиш оҳанги билан.
— Қори ака! — деди Арбоб жиддий оҳангда, — муомалада от бўлинг, ит бўлманг! Отлар ўзаро келишгандан — ҳингиллашгандан кейин «у кўп еди, мен оз едим» деб қайғуриб ўтирмади. Бириси ем ея берса, иккинчиси унинг бўйнини ўпиб, қашиб туради, аммо қанча итлар иноқ бўлсалар ҳам, кўзларига бирор суяк кўринган ҳамон, дарров дўстликни унутиб, бир-бирлари билан олишадилар-талашадилар ва уришадилар.
— Мен шундайгина сўраб эдим-да, бўлмаса, қанча фойда олганингиз билан менинг нима ишим бор, ҳар қанча фойда олсангиз ўзингизга насиб қилсин! — деди вазиятни нозик кўрган Қори-Ишкамба.
Икки «дўст» жим кета бердилар ва сарой олди етганларида хайр-хўшлашиб ажралдилар.

* * *

Куз фасли... Қишлоқларда йиғим-терим иши қизғин кетаётган эди, ҳар бир деҳқон ёмғир ёғиш ва қиров тушишдан бурун ўз ҳосилини йиғиб-териб олишга ҳаракат қилмоқда, ҳатто баъзи қишлоқларда йиғим-терим ишини тугатиб туёқли молларни далага ҳайдамоқ эдилар.
Фақат Сангсабз билан Бўлмахўрон қишлоқлари явон дала тўла ҳосил бўлгани ҳолда, йиғим-терим ишида оз киши ишлар эди, халқнинг кўпчилиги бўлса, Арбоб Рўзи дарвозаси остида бировнинг жанозасига келгандай қайғули бир вазиятда ўтирар эди.
Аммо Арбоб Рўзи ҳовлисида бирор киши ўлган эмас-у ерда йиғи-сиғи овози ҳам эшитилмас эди, аксинча у ердан одатда тўйхоналарда бўладигандай шодлик, кулги-ашула, қизиқчилик товушлари эшитилар эди.
Ҳақиқатда Арбоб Рўзи ҳовлисида тўй бўлаётган бўлмаса хам, «тўй» дейишга арзийдиган бир катта зиёфат барпо бўлган эди, бу зиёфатдаги меҳмонларнинг улуғи Қори-Ишкамба билан қози калоннинг Гала Осиёдаги ноиби бўлиб, уларнинг атрофида тўпланганлар уларнинг «шарофати» билан зиёфатга чақирилганлар ва Сангсабз ва Бўлмахўрон қишлоқларининг “катталари эдилар.”
Меҳмонлар ейишиб-ичишиб, ўйнашиб-кулишиб бўлгандан кейин, ноиб уй эгасига қараб:
— Қеч бўлиб қолди, энди ишни бошлаймизми? деб сўради.
— Ихтиёр сизда, бошласангиз бошланг, — деб Арбоб Рўзи ўрнидан турди ва меҳмонхонанинг токчасида турган сандиқчани очиб, ундан бир кичкина тугунчани, олиб, ноибнинг олдига қўйди. Ноиб тугунчадан бир қоғоз олиб, кўздан кечирди-да:
— Бу васиқаларга дахлдор ишларнинг ҳаммасини шу кун кўрамизми? — деб Арбобдан сўради.
— Ҳаммасини шу кун бир ёқлиқ қилиш керак, бўлмаса эртагача буларнинг ҳам бузилиб қолиш эҳтимоли бор, лекин Муҳсин билан Назарнинг номларидан ёзилган васиқаларни ажратиб бир чеккага қўйинг. Бошқаларнинг ишларини битказгандан кейин, уларни чақириб сўрайсиз, бўлмаса улар мурофаа  вақтида паст-баланд гапириб, бошқаларнинг ҳам бузилишларига сабаб бўладилар.
Ноиб васиқаларни бир-бир кўздан кечираётганда қишлоқ «катталари»дан бири бўлган Арбоб Ҳамидга қараб:
— Муҳсин-ку кўп вақтдан бери «мен Арбобнинг пулини фойдаси билан тўлаганман», деб очиқдан-очиқ муттаҳамлик қилиб юрипти. Назарни нима жин урди? У-ку, ювошгина, бечорагина бир одам кўринади, — деб сўради.
— Одамни одам бузади, ариқни сув деганлар, уни ҳам шу Муҳсин бузган, — деди Арбоб Ҳамид ва изоҳ беришга киришди, — Муҳсин ривоят-маҳзар орқасидан югуриб, ўзи учун бир йўл топган. Мана шу йўлни Назарга ҳам ўргатган. Аммо биз бу иғвогарликларни эшитиб, ишни тезлатиб юбордик. Назар ўз қўлига бирор дастак киргизиш учун фурсат тополмайди, шундай ҳам бўлса «мен пул топаман, мен Арбобга на пул тўлайман «а на ер бераман», деб вайсаб юрипти.
— Ўта муттаҳамлик, — деди зиёфатдан тишида қолган гўшт майдаларини ковлаб чиқараётган ҳалиги «катта» одам.
Ноиб Муҳсин билан Назарнинг номларидан ёзилган васиқаларни ажратиб қўйгандан кейин, бошҳа васиқаларни қўлида тутиб туриб:
— Булардан қайсиларининг ишларини аввал кўрамиз? — деб сўради Арбоб Рўзидан.
— Аввал Шодмоннинг ишини кўринг — деди ва Қори-Ишкамбага қараб, — сиздан пул олиб қарз берганларимнинг энг аввалгиси шу, — деб гўёки ҳаммадан бурун унинг ишини кўрдиришнинг сабабини англатди.
Ноиб ўз қўлидаги васиқалардан бирини ажратиб ноиб ўз одамига: «Шодмонни олиб кел!» — деди ва Арбоб Рўзига қараб:
— Кейинги уч йил орасида топган давлат ва ҳашаматингизнинг бош булоғи бўлган Шодмонни ҳаммада бурун қуритар экансиз-да, — деб кулди.
Ноибнинг одами Арбобнинг хизматчиларидан бўйрача олиб келиб, супанинг устига, меҳмонхонанинг ноиб ўтирган юқори эшикнинг рўпарасига ёйди ва Шодмонни чақириш учун супадан тушиб кетди.
У кўчада — Арбоб Рўзининг дарвозаси олдида ўтирган одамлар орасида Шодмонни имлаб чақириб «шариат бўйраси» устига ўтқазаётганида, ноиб ўз олдида ўтирган Арбоб Рўзига қараб:
— Сиз ҳам чиқинг, шариат бўйраси устида жавобгарингиз билан бақамти ўтиринг! — деди.
— Ҳали шундайми — мен ҳам чиқайми? — дегани ҳолда Арбоб ўрнидан турди.
— Албатта, — деди ноиб, — шариат юзасидан, ким бўлса бўлсин мурофаа вақтида даъвогар жавобгар билан бақамти ўтириши лозим.
Арбоб шариатнинг бу қоидасини ва уни ижро қилаётган ноибни масхара қилгандай кулимсираб, меҳмонхонадан чиқди ва Шодмоннинг ёнига бориб ўтирди. Ноиб қўлидаги васиқага қараб:
— Шодмон Юсуф ўғли ким? — деб сўради.
— Мен, тақсир! — деди Шодмон.
— Сен бундан уч йил бурун Арбоб Рўзидан минг танга қарз олиб экансан, тўғрими?
— Тўғри.
— Шу минг танга бадалига тўрт таноб ерингни шаръий бай билан хат қилиб берган экансан, тўғрими?
— Тўғри.
— Шу тўрт таноб ерни ўзинг Арбобдан ҳар ойда саксон тангадан ижарага олган экансан тўғрими?
— Тўғри. Ноибнинг кейинги саволи ва Шодмоннинг жавобини эшитган Қори-Ишкамба илондай бир тўлғаниб олди ва ўз кўнглида, «сен ҳар бир юз танга учун ойда уч танга фойда олганим ҳолда, бу ноинсоф Арбоб менинг пулимнинг устидан ҳар юз танга учун беш танга фойда олган экан» деди ва Арбобнинг ўзининг ҳақида «жар» қилганини унинг юзига дарҳол урмоқчи бўлиб, бўйнини эшик томонга чўзди. Лекин Арбобнинг ўзи билан келишганида «Қори ака, муомалада от бўлинг, ит бўлманг» деган гапи эсига келиб, ўзини куч билан тўхтатди. Ноиб давом қилди.
— Яна шу васиқада ёзилганида сен, «агар Арбоб ўз пулини талаб қилса, дарҳол тўлайман, агар талаб вақтида ернинг ижара пулини ёки тани пулини тўлай олмасам, шу тўрт таноб ерни Арбобга топширишга мажбурман», деб иқрор қилган экансан. Тўғрими?
— Тўғри.
— Ҳозир Арбоб ўз пулини ернинг кейинги бир йиллик ижара пулиси билан бирга сендан ундириб беришни мендан сўраб арз қилди. Ўша пулларни тўлашинг керак.
— Тақсир, — деди Шодмон, — мен шу уч йиллик қарздорлик муддатимда Арбобнинг фойда пулларини ўз вақтида тўлаб келдим. Бундан бошқа Арбобнинг деҳқончилик ишларига ўз ҳўкизим, эшагим ва кетмон ҳамда ўроғим билан ёрдам бериб турдим. Ў зим ҳам шу йил қарздан қутуладиган йилим деб ўйлаган эдим. Лекин пулларнй тайёрлаб бериш учун Арбоб амакимдан ўн беш кун муҳлат сўрайман, ҳали айтиб ўтганим холис хизматларимни назарга олиб, менга ўн беш кун муҳлат берарлар деб умид қиламан.
— Нима қиласиз, Арбоб, ўн беш кун муҳлат берасизми? — деб Арбоб Рўзидан сўради ноиб.
— Йўқ, — деди Арбоб, — бир кун ҳам муҳлат бермайман, ҳозир ё пулимни берсин ёки ерини менга топширсин.
— Хўп, — деб ноиб Шодмонга қараб гапга киришди,
— Модомики, ўн беш кундан кейин пулини тўламоқчи зкансан, ҳозир тўла қўй-да, жанжални чўзиб нима қиласан.
— Ҳозир нақд пулим йўқ.
— Ў н беш кундан кейин қаердан пул топасан?
— Бундан уч йил бурун — Арбобдаи қарздор бўлган кунларимда шу қарзни тўлаш нияти билан ўша тўрт таноб ернинг бир танобига рўён  экиб эдим. Мана шу рўённи қазиб оламан, агар худо берса, ундан бир минг юз тангалик ҳосил чиқади, бундан ташқари, бир таноб терилмаган пахтам бор.
— Сен бировнинг қарзини тўлаш ниятида бўлсанг, нега бу кунгача ўша пахтани териб сотиб бермадинг? — деб ноиб Шодмоннинг сўзини бўлди.
— Мен пахта очила бошлаши биланоқ териб сотиб Арбобга топширмоқчи бўлган эдим, аммо бу кишининг ўзлари «пахтани бебарака қилма, қараб тур, ҳаммаси очилса, бирдан териб ўлчаб, баҳолаб ўзимга берасан, пахта кўтариб бозорга бориб овора бўлиб юришнинг кераги йўқ» дедилар. Шунинг учун пахта шу кунгача терилмай қолди..
Мурофаачилар устида тикка турган Арбоб Ҳамид Арбоб Рўзига хитоб қилиб, Шодмоига эшиттириб айтди
— Қелинг Арбоб ака, ўн беш кунлик гап экан, муҳлат беринг, «юзига чидаган, юз бирига ҳам чидар», деганлар. Уч йил чидаган одам ўн беш кунга чидай олмайдими?
— Йўқ, энди бир кун бир соат, ҳатто бир минутга ҳам чидамайман, ҳозир, шу вақтнинг ўзида, шу шариат бўйраси устида, қози калон ўринларида ўтирган ноиб эшоннинг ҳузурида пулимни бир йиллик фойдаси билан тўласин.
— Нима дейсан? — деб ноиб яна сўради Шодмондан.
— Ҳозир бера олмайман. Ўн беш кундан кейин тўлайман.
— Бўлмаса ўша тўрт таноб ерни Арбобга тошпиришинг керак.
— Ерларни топшириш учун ҳам ўн беш кунлик муҳлат керак, — деди Шодмон.
— Нега, ерни ҳам бирон нарсани сотиб тайёрлаганингдан кейин топширасанми?.-деди ноиб масхаралаб
— Ахир, ерни топшириш учун унинг ичидаги етилган ҳосилларини йиғиштириб олишим керак эмасми?
— Сиз нима дейсиз? — деди ноиб Арбобга қараб. Арбоб рад аломати билан бош чайқаганидан кейин
— Ноиб эшон, яна бир марта ўша қўлингиздаги хатга қаранг, қани унда «ер топширилган вақтда унинг ичидаги ҳосиллар йиғиштирилиб олинади» деган гап ёзилганми? — деди.
Ноиб қўлидаги васиқага кўз ташлаб олиб:
— Йўқ, бундай гап ёзилмаган... — деди.
— Ундай бўла, шу соатнинг ўзидаёқ ерни менга ичдаги ҳосиллари билан топширишинг керак, — дед Арбоб Шодмонга қараб.
«Арбобнинг бу талабига сиз нима дейсиз?» дегандай қилиб Шодмон ноибга қаради.
— Арбобнинг гаплари шариатга мувофиқ, — дед ноиб, — агар ериинг ичида манқул асбобнинг, яъни емоч, тиш, кетмон ва шулар каби у ёқ-бу ёққа кўчириладиган асбобларинг бўлса, йиғиштириб оласан аммо ердан ўсган ва ҳалигача ердан ажратиб олинмаган пахта, рўён ва жўхори каби экинларни ер билан Арбобга топширасан.
— Топширмайман, — деди Шодмон жиддийлашиб, — бундай ҳақсизлик, инсофсизлик ва талончиликка мен бўйсунмайман.
— Нима дединг? — деди ноиб ўрнидан бир кўтарилиб ўтириб, жаҳли чиққан ҳолатда, — «ҳақсизлик, инсофсизлик ва талончилик» деб менинг ҳукмимни айтасанми, шариат ҳукмини айтасанми ёки Арбобнинг талабларини айтасанми?
— Қимнинг ҳукми бўлса бўлсин, ҳақсизлик, инсофсизлик ва талончилик, — деди Шодмон аввалги гапини таъкидлаб.
— Тўғри, ҳақсизлик, инсофсизлик ва талончилик, — деган овоз кўчадан кириб, мурофаа устида томошабин бўлиб турган деҳқонларнинг оғзиларидан ҳам чиқди.
— Булар ким? — деб сўради ноиб ўз одамларидан Шодмонни ёқлаб овоз берган одамлар тўдасини кўрсатиб.
— Булар ҳам Арбобдан қарздор бўлиб, букун ишлари кўриладиган одамлар.
— Уриб чиқаринглар буларни, ўз навбатлари етгандан кейин келиб жавоб берадилар. «Бошқаларнинг иши устида оқсоқоллик қилинглар», деб буларни ҳеч ким чақирган эмас,-  деди ноиб ўз одамларига.
Ноиб одамлари у деҳқонларнинг ўзларига ҳужум қилишларидан қўрқдилар, шунинг учун уларни урмадилар, сўкмадилар ва туртмадилар, фақат юмшоқ гаплар билан супадан тушириб, дарвозадан чиқариб юбордилар.
Томошабин деҳқонлар супадан туширилгандан кейин, ноиб Шодмонга қараб:
— Сен хоҳ бўйсун, хоҳ бўйсунма, ердаги ҳосиллари билан бирга Арбобники бўлди. Аммо сен шариатни, қози калон ноиби бўлган мени ва юртнинг мўътабар одамларидан бўлган Арбобни сўкканинг учун, гуноҳкор саналиб, қамоққа олинасан, — деди ва ўз одамларига қараб:
— Буни вақтинча Арбобнинг отхоналарига қамаб қўйинглар. Қечқурун қайтишда бирга олиб бориб хат ёзиб шариатпаноҳ ихтиёрига юбораман, — деди.
Ноибнинг одамлари Шодмонии «шариат бўйраси» устидан тушириб, Арбобнинг отхонасига қамадилар ва навбат бошқа жавобгарларга келди.
Шодмоннинг бошига келган бало ва фалокатдан «ибрат олган» бошқа қарздорлар Арбобнинг талайи ва ноибнинг ҳукмига кўп қарши турмадилар ва у билан талашиб-тортишиб ўтиришни фойдасиз, балки ўзлари учун зарарли билиб, Арбобнинг номига хатлган ерлардаги терилмаган пахталари, ўрилмаган тарқўноқлари, қайирилмаган жўхорилари, қазиб олинмаган сабзи, пиёз, шолғом, лавлаги ва рўён каби ҳосиллари билан бирга топширдилар.
Энди навбат Муҳсин билан Назариинг ишига келган эди. Ноиб ўз одамига:
— Муҳсин билан Назарни олиб кел! — деб буйруқ берди.
Ноибнинг одами Назар билан Муҳсинни олиб келиб Арбобнинг ишорати бўйича аввал Муҳсинни «шариат бўйраси» устига ўтқазди ва унинг ёнига Арбоб Рўзи ҳам жойлашди.
Ноиб васиқага қараб Муҳсиндан:
— Сен бундан икки йил бурун Арбоб Рўзидан бир минг беш юз танга олиб, шу маблағнинг бадалига олти таноб ерингни шаръий бай билан сотиб эдингми? деб сўради.
— Бир минг беш юз танга бадалига Арбобга олти таноб еримни шаръий бай билан сотиб эдим ва ерни ўз ижарамга олиб, ижара пулини тўлаб келган эди лекин бундан бир ой бурун Арбобнинг тани пулларин ҳам бериб, ерни бутунлай бу кишининг қўлидан қутқаздим, — деб жавоб бердн.
— Тани пулни тўлаган бўлсанг, нега ернинг васиқасини Арбобнинг қўлларидан олмадинг? — деб яна савол берди ноиб.
— Пулни кечалаб бериб эдим, Арбоб «эрта кундузи куни васиқангни топиб бераман», деб мени ишонтирган дилар. Мен ҳам бу кишига ишониб кетдим, эртасига келиб, бу кишидан васиқани сўраганимда пулни олганларидан мункир бўлдилар  ва «сен ниятингни буздинг сендан кўнглим чўчиди, энди ё пулимни топиб бер ёинки ерни топшир», деб мени қиса бошладилар.
Пулни берганингга гувоҳинг борми?
— Қоронғи кечада пулни топширдим, худодан бошқа гувоҳим йўқ, — деган ҳолда Муҳсин ўз қўйин чўнтагидан бир хат чиқариб, мурофаа устида тикка турган ноибнинг одамига узатди, у одам хатни Муҳсиннинг қўлидан олиб, ноибга берди.
Ноиб у хатни бошидан охиригача кўзидан кечирганидан кейин, Арбоб Рўзига қараб:
— Бу ривоят-маҳзардафъи маҳзари. Бу маҳзари билан Муҳсин сизга қарши: «Мен Арбобнинг пулини бериб эдим, аммо васиқам унинг қўлида қолган, ўша васиқам олиб берилсин» деб қозидан талаб қилган ва бу талабнинг шариатга мувофиқлиги тўғрисида маҳрнинг бир чеккасига ривоят ёзиб, Бухоронинг бир жуда «мўътабар» муфтилари ўз муҳрларини босганлар, — деди ва ўз гапини давом қилдириб Арбобдан:
— Сиз бунинг даъвосига нима дейсиз, дарвоқе у сизнинг пулингизни берганми, унинг васиқаси сизнинг қўлингизда қолганми? — деб сўради.
Улимдан хабарим бор, бундай ишдан хабарим йўқ, — деб жавоб берди Арбоб. Ноиб Муҳсинга қараб:
— Шу даъвоингни исбот қилиш учун қасам ичасанми? — деб сўради.
— Исботдан ожизман, Арбоб Рўзи қасам ичсин, мен унинг пулини иккинчи марта тўлайман ёки ерни топшираман, — деди.
— Бу жанжал келажак жумагача мавқуф  турсин, Назарни ўтқаз, — деди ноиб ўз одамига.
Муҳсин бўйра устидан турди ва Назар ўтирди. Ноиб унинг васиқасига қараб:
— Сен Арбоб Рўзидан бир минг икки юз танга қарз олиб, беш таноб ерингни унга шаръий бай билан сотиб, эдингми? — деб сўради.
— Ҳа, — деб иқрор бўлди Назар.
— Хўп, — деди ноиб, — ҳозир Арбоб ўз пулларини қайтариб беришингни ёки ўша беш таноб ерни топширишингни талаб қиладилар. Сен нима жавоб берасан?
— Мен пул ҳам бермайман, еримни ҳам бермайман, — деди Назар узил-кесил қилиб.
— Сабаби? — ноиб сўради.
— Чунки мен Арбобнииг тани пулини бутунлай ва фойдасини орттириб тўлаганман.
— Мурофаа устида «пулнинг фойдаси...» дема, чунки шариат юзасидан дуруст бўлмайди, «ернинг ижара пулисини...» де! — деб ноиб Назарга танбеҳ қилгандан кейин, — хўш, сен ҳам Муҳсин каби қоронғи кечада ёлғиз ўзинг гувоҳсиз бердингми? — деб пичинг қилй сўради.
— Йўқ, мен қоронғи кечада эмас, кундуз куни, гувоҳсиз эмас, балки Бўлмахўрон қишлоғининг оқсоқоли — Арбоб Ҳамиднинг олдида бердим, — деди Назар
— Сиз нима дейсиз? — деб сўради ноиб Арбоб Ҳамиддан.
— Мен, — деди Арбоб Ҳамид, — Назарнинг Арбобга бир минг тўрт юз қирқ тангани «беш таноб ерни бир йиллик ижара пулиси» деб берганини биламан бошқасидан хабарим йўқ, — деди.
— Ўтган қишда, — деди Назар боши устида тикка турган Арбоб Ҳамидга қараб, — бозорда бир боғ беда икки танга бўлган вақтда менинг икки юз боғ бедами Арбобга олиб бериб, «пулини кузда ҳисоблаймиз» демаганмидингиз?..
— Хўп, беданг ҳам икки юз танга, бу билан сен Арбобга бир минг олти юз қирқ танга тўлаган бўлсанг Арбобнинг сенинг бўйинингда яна минг тангалари қолади, — деди Арбоб Ҳамид.
— Йўқ, менинг пулим ортади, — деди Назар кулимсираб.
— Қандай қилиб? — деб сўради ноиб.
— Менинг эшитганимга қараганда, Арбоб менга берган бир минг икки юз тангани шаҳарлик фойдахўр қорни катта Қоридан ҳар юзига ойда уч танга фойда бермоқчи бўлиб олган, бу ҳисобга бир минг икки ю танганинг йиллик фойдаси уч юз етмиш икки танга бўлади. Бу пулни тани пулга қўшсак, бир минг беш юз етмиш танга бўлади. Ҳолбуки мен Арбоб Рўзига Арбоб Ҳамиднинг гувоҳлиги бўйича, бир минг олти юз қирқ танга тўлаганман, демак, менииг олтмиш саккиз тангам Арбобга ортиқ кетган.
— Ҳамёнингни кенгроқ тиктириб қўй, мендан олтмиш саккиз тангани қайтариб оласан, — деди Арбо Рўзи пичинг қилиб.
—Муттаҳамлик! — деди ноиб ўз-ўзига ва Назарга қараб: — Гапни чўзиб ўтирма! Ҳозир, шу шариат бўйраси устида Арбоб Рўзига минг танга берасанми, ё беш таноб ерни унга топширасанми? — деб сўради.
— Арбоб Рўзидан қарзим йўқ, еримни ҳам ҳеч бир кишига бермайман.
— Олиб бориб қамаб қўй, бу муттаҳамни! — деди ноиб ўз одамига.
— Муттаҳамсизлар, ўғрисизлар! — дегани ҳолда Назар Арбоб Рўзининг отхонасига қарата судралди.
— Сизга ҳам, шариатингизга ҳам кишининг кўнгли ишонмай қолди, — деди бўйрадан туриб, меҳмонхонага кирган Арбоб Рўзи ноибга қараб.
— Қани, қани, нега? — деб сўради ноиб.
— Сиз доим, — деди Арбоб Рўзи, — менга «шариат бизнинг қўлимизда, уни ҳар вақт мен сизнинг фоидангизга ишлатаман», дер эдингиз, бугун бутунлай Муҳсиннинг фойдасига ишлатиб юбордингиз-ку.
— Дуруст, меи «шариат бизнинг қўлимизда» деб эдим, аммо «менинг қўлимда» деган эмасман, — деди ноиб, — мендан бошқа ҳам шариат пешволари бор. Улар муфтилар, улар Муҳсинга йўл топиб берганлар. Албатта улар бу «йўл»ни унга арзонга сотмаганлар, ахир, уларга ҳам шариат устидан нон ейиш керак. Агар мен улар ёзиб берган ривоятни йиртиб ташласам, улар мени ўлдирмасдан қўймайдилар.
— Демак, жума куни бўладиган мурофаада ҳам, мен учун бирон йўл йўқ-да, — деди Арбоб умидсизлик билан.
— Бор, — деди ноиб, — агар қасам ичсангиз ишни сиз ютасиз.
— Мен қасам ичмайман.
— Нега? Ҳолбуки бошқа вақтларда керак бўлмаган жойларда кунда неча марта қасам ичасиз-ку.
— У бошқа гап, — деди Арбоб, — агар мен «шариат бўйраси» устида қасам ичсам, «қасам урган» деб ҳамма мендан қочади.
— Мен бир йўл-йўриқ биламанки, — деди Қори-Ишкамба, — у йўлга қарши на муфтилар ривоят-маҳзар қилиб бера оладилар ва на сизга қасам ичишга тўғри келади.
— Ўша йўлни менга кўрсатинг! — деди Арбоб Рўзи қувонган ҳолда Қори-Ишкамбага қараб, — мен бу йўл билан бориб, бу муттаҳам Муҳсиндан ўчимни олай.
— Муҳсиннинг ишини энди ютқаздингиз, лекин агар бундан буён деҳқонлар билан қиладиган муомалаларингизда мени ўзингизга тенг шерик қилсангиз, у йўлни сизга ўргатаман.
— Майли, тенг шерик қиламан, айтинг-чи, у қандай йўл?
— Қозихона васиқаси ўрнида «вексель», — деди Қори-Ишкамба ва кетмоқчи бўлиб, ўрнидан турди. Бу  кунги мажлис шу билан тугади.

XII

Мурофаа воқеасидан ўн-ўн икки кун ўтгандан кейин Бухоро кўчаларининг бирида Қори-Ишкамба гангиб юрган Муҳсинга дуч келиб, бирор қалин ошнасини кўргандай у билан қувониб кўришди ва ундан Арбоб Рўзи билан бўлган кейинги мурофаасининг натижасини сўради.
— Нима бўлар эди, унга қасам ичишга тўғри келди, у бундан бош тортди, ноиб эшон унинг пулини тўланган ҳисоблаб, ерни менинг фойдамга ҳукм қилди, — деди.
— Яхши бўлибди, — деди Қори-Ишкамба қувонган оҳанг билан ва Арбоб Рўзидан шикоят қила бошлади.
— У уйинг куйгур мени ҳам алдаган зкан, ўзинг ҳам эшитгандирсан, ўша сенга қарз берган минг беш юз тангани ҳар юз тангасига ойда уч тангадан мендан кўтарган эди. Эшитишимча, сенга етти тангадан фойдага қўйган.
— Етти тангадан қўйса гўрга эди, — деди Муҳсин, — менга ҳар юз танганн ойда тўққиз тангадан қўйиб эди.
— Оббо худо бехабарей-й-й! — деди Қори-Ишқам-ба, — хўп бопладинг-да, неча танга харжладинг? — деб сўради.
— Тўрт муфтига икки юз тангадан саккиз юз танга бердим.
— Ноибга ҳам бирон нарса...
— Албатта, «мойланмаган арава юрмайди», деганларидек, икки юз танга билан у кишининг томоғини  ҳам мойладим.
— Демак, минг танга билан минг беш юз тангалик даъводан қутулибсан-да, жуда соз.
— Гап пулда эмас, гап ерни Арбобнинг қўлига ўтишдан сақлаб қолишда эди. Бўлмаса ўша минг танганинг ўзи ҳам ҳозир минг беш юз тангага етиша ёзди.
— Эй, қандай, қандай? — деб Қори-Ишкамба афсуслангандай бўлиб сўради.
— У минг тангани менга, мени муфтилар билан таништириб ишимни тўғрилаб берган бир киши, бир ойда тўлашим шарти билан кунда ўн тангадан фойдага топиб берган эди. Тунов кун бир ой тўлди, минг танга минг уч юз танга бўлди, лекин ҳали мен пул тополмай овора бўлиб юрибман.
— Вой ноинсофей-й-й. Бу одам Арбоб Рўзидан ҳам баттарроқ чиқипти-ку. Тўғри менга келсанг бўлмасмиди, мен арзон фойда билан сенга қарз берар эдим?
— Қайдан билай, сиз Арбоб Рўзи билан жуда иноқлашиб кетган эдингиз, «унга қарши сарф бўладиган пулни сиз топиб бермассиз?» деб ўйладим.
— Аввали шуки, судхўр судхўр билан иноқлашмайди, булар бир-бирига иту мушукдай душман бўлади. Иккинчиси шуки, Арбобнииг мендан ҳар юзи уч тангадан олган пулни бошқаларга саккиз тангадан, ўн тангадан фойдага қўпганини билиб, ундан жуда ҳам ранжидим, у худо бехабар ҳам менинг ҳақимга, ҳам камбағал деҳқонлар ҳақига инсофсизлик қилган.
— Менга кўнглингиз ишониб қарз бермоқчи бўлсангиз, ҳали ҳам вақти ўтган эмас, агар сиз оталик қилсангиз, мен яқин кунда ўн танга тўланадиган оғир фойдадан қутулар эдим.
— Майли, — деди Қори-Ишкамба, — ҳозир сенга неча танга керак?
— Шу куннинг ўзида қарзим ҳалиги одамдан бир минг уч юз ўн танга бўлди, сиз пулни неча кундан кейин берсангиз ҳар кун ўн тангадан пулга қўшилади.
— Ҳисобга тўғри бўлсин «Бир минг тўрт юз танга керак!» де, ортганини яна бирон дардингга даво қиларсан.
— Хўп, майли. Фойдасини қаичадан, қанақа қиласиз?
— Ҳар юз тангаси сен учун ойда беш тангадан, Арбобдан олган нархингдан тўрт танга арзонроқ.
— Ўзингиз Арбобга берган нархингиз билан — ойда уч тангадан бермайсизми?
— Йўқ, — деди Қори-Ишкамба, — ҳали ҳам шу ишни Арбобни ҳафа қилиш учун қилаётирман, бўлмаса мен Ҳамроҳрафиққа ҳар юзи олти тангадан қўйиб эдим.
Ҳамроҳрафиқнинг номини эшитгаи Муҳсин унинг воқеасини эслаб қайғуга чўмиб кетди, чунки Қори-Ишкамбанинг неча йиллаб Ҳамроҳрафнқдан фойда еганини, у тўлай олмайдиган бўлгаидан кейин, унинг ерини Арбоб Рўзига соттириб олганини билар эди. Шундай бўлса ҳам, унинг Қори-Ишкамбадан қарз олишдан бошқа чораси йўқ эди. Шунинг учун бир оз ўйлаб тургандан кейин:
— Хайр, майли, қанча ерни қаича муҳлатга хат қилиб келтирай? — деб сўради.
— Менга қозихонада ёзиладиган васиқанг ҳам керакмас, еринг ҳам керакмас.
Муҳсин Қори-Ишкамбанинг бу гапидан, айниқса, «еринг ҳам керакмас» деган гапидан қанча қувонган  бўлса, шунча ажабланиб сўради:
— Ерни хатлаш керак бўлмаса, бу менинг ер тўғрисида қўрқиб безонглаб турган юрагимни тинчлантирадиган сизнинг унутилмас бир яхшилигингиз бўлади. Аммо хат керакмас деганингиз нимада, менга пулингизни ҳеч бир ҳужжатсиз берасизми?
— Сенга раҳмим келганидан, ҳужжатсиз ҳам беравераман. Лекин ҳозир бутунлай ҳужжатсиз эмас, қозихона васиқаси ўрнида, «вексель» деган русча ҳужжат билан бераман, — деди Қори Ишкамба ва Муҳсиннинг «русча ҳужжат» номини эшитиб, шубҳаланиб, иккиланиб турганини сезганидан, сўзини изоҳлашга киришди:
— Еринг Арбоб Рўзидай нуқул ерга кўз тиккан кишига керак. Менга ер керакмас, мен қишлоққа чиқиб  деҳқончилик қила олмайман, аммо вексель менинг учун керак.
— Нега? — деб сўради Муҳсин, шубҳали оҳанг билан.
— Чунки, мен бошқалар билан олди-берди қилмоқдаман, агар юз минг тангалик қозихона васиқасини банкка олиб борсам, бир пулга ҳам олмайди. Аммо ким бўлса-бўлсин бирор киши қўл қўйган векселни олиб борсам, унинг устидан менга қарз беради, — деди Қори-Ишкамба ва Муҳсин берадиган векселни мисолга олиб, сўзини давом қилди:
— Масалан, сен менга икки мииг тангалик вексель берсанг, мен уни олиб бориб банкка қўйиб, унинг устидан минг танга қарз олиб яна бирон дардимга даво қила оламан.
— Хўп, қачон келай? — деб сўради Муҳсин кўнгли бир оз тинчланган вазиятда.
— Эртага, вақтлироқ кел, — деди Қори-Ишкамба, — векселга қўл қўйиш учун хат-саводинг борми? —-деб сўради.
— Йўқ.
— Майли, зарари йўқ, нотариуснинг олдига борамиз, бирор хат-саводли одам сенинг илтимосинг билан қўл қўяди...

* * *

Қори-Ишкамба Муҳсин билан гаплашиб келишганининг эртасига уни ўзи билан бирга Қогонга олиб борди. Қогонда ундан:
— Сен менинг пулимни қачон тўламоқчисан? — деб сўради.
— Янаги йиғим теримда.
— Бир йилдан кейин, дегин.
— Ҳа, бир йилдан кейин бера оламан.
— Ундай бўлса, бир минг тўрт юз танганинг бир йиллик фойдасини ҳисоблаб, тани пулга қўшамиз, қанчаки бўлса, ўшанга яраша вексель берасан.
— Майли, хисоблаб қўшинг.
Қори-Ишкамба бир минг тўрт юз танганинг фойдасини ҳар юзи ойда беш тангадан ҳисоблаб саккиз юз қирқ танга чиқарди ва:
— Буни бир минг тўрт юз тангага қўшсак, икки минг икки юз қирқ танга бўлади, — деди.
— Демак, шу маблағга яраша вексель беришим керак бўларкан да.
— Бундан кўпроқ маблағга вексель беришинг керак бўлади.
— Нега?
— Чунки нотариуснинг харжи бор, вексель қоғозини сотиб олиш керак, сенинг илтимосинг билан қўл қўядиган одамга бирор нарса — «чой пули» деб бериш керак.
— Буларга қанча харж бўлади?
— Тахминан бир юз олтмиш танга.
— Ҳаммаси қанча бўлади? -
— Икки минг тўрт юз танга, — деди Қори-Ишкамба ва Бухоро тангасини Русия сўмига айлантириб, — уч юз олтмиш сўмлик вексель олишимиз керак бўлар экан, — деб банкка кириб кетди.
Қори-Ишкамба векселни олиб чиққандан кейин бир хат-саводли одамни топиб, Муҳсин билан учовлашиб нотариуснинг олдига кирдилар. У ерда у одам «Муҳсиннинг илтимоси бўйича» тарихсиз оқ векселга қўл қўйиб берди.
Қори-Ишкамба нотариусхонадан чиқиб Муҳсинга пул берди. Муҳсинни қишлоғига кузатаётиб:
— Мана бу «вексель» деган нарса жуда ташвишли ҳужжат, мен бу ҳужжат орқали сизларнинг қишлоғингиздаги пулга муҳтож бўлган ҳамма деҳқонларни, уларнинг ерига кўз тиккан Арбоб Рўзи каби одамларни қўлларидан қутқазаман, кимки пулга муҳтож бўлса менинг олдимга бошлаб кела беринг, — деди.
— Хўп! — деди Муҳсин ва ўз қишлоғига жўнади.

* * *

Муҳсиннинг Қори-Ишкамбага вексель берганида, икки ой ўтгандан кейин Сангсабз қишлоғида, Арбоб Рўзининг ҳовлисида унча катта бўлмаган бир йиғин барпо бўлган эди. Бу йиғинда кўп вақтдан бери бу ҳовлига келиб-кетиб юрганлардан ноиб, унинг одамлар ва Қори-Ишкамба бўлса ҳам, Бўлмахўрон ва Сангсабз қишлоқларининг катталари йўқ эди. Лекин уларни ўринларига бундан бурун бу ҳовлида кўринмаган бу ерга сира келиб-кетмаган икки одам кўринар эди. Бу одамлардан бирисининг уст кийими ва бошидаги салласи Бухоро амалдорлариникидай бўлса ҳам,  кийими русларникидай костюм эди, у бириси бўлса тамоман европача кийинган эди.
Бу кунги зиёфатда дастурхон усти бурунгилардай турли овқатлар — қовурилган қўзи ва товуқлар, қайнатилган қазилар, кобулий паловлар билан тўла бўлса ҳам, бу икки одамнинг олдида бу дастурхон устида бундан бурун кўрилмаган икки товоқ овқат турар эди, бу товоқлардан бирида картошка билан қовурилган котлет бўлиб, иккинчиси жаркоп билан тўла эди.
Бу икки одам овқатни бошқалардай бир товоқда биргалашиб қўл билан емай, олдиларидаги кичкина товоқчага катта товоқдан сузиб олиб пичоқ билан кесиб, вилка билан емоқда эдилар.
Бу икки одамнинг олдида икки рюмка билан икк шиша ичкилик ҳам бор эди. У одамлардан салла-чопог кийгани у шишалардан бирисини қўлига олиб, шишанинг қорнига ёпиштирилган қоғозга қараб, ўз-ўзича:
— «Коньяк», — деди чўзиб.
— Коньяк нима? — деб сўради Қори-Ишкамба у одамдан.
— Қоньякми? Дори, — деди у одам, — айниқса сиз каби кексайган ва кўпроқ овқат ёйишни севган одам учун бирдан-бир дори. — У одам шишани очди ва олдидаги икки рюмкага қуйгандан кейин:
— Сизга ҳам бир пиёла қуйиб берайми, Қори ака? -— деб Қори-Ишкамбадан сўради.
— Йўқ, менинг иштаҳам учун унақа дорилар керакмас, агар рухсат берсангиз олдингиздаги ғалати кабобларга шерик бўлайин, — деди Қори-Ишкамба. Лекин у одамнинг «марҳамат қилинг» деб рухсат беришини кутмасдан, икки товоқдаги жаркоп ва котлетлардан ярмисидан кўпроғини олиб, ўз олдидаги палов товоғи устига босди ва ундан ксйин ҳеч кимга қарамасдан ва хеч кимнинг гапига жавоб бермасдан пишиллаб ея бошлади.
Овқат ва қовун-тарвузлар ейилгандан кейин, дастурхонни йиғиштириб олиб, чой келтирдилар ва чой ичилаётганда ноиб европача кийинган одамга қараб:
— Ишга киришмаймизми? — деб сўради.
— Қиришамиз, жавобгарларни чақиринглар! — деди у одам. Ноиб ўз одамига:
— Муҳсин, Сафарали, Пўлод ва Темирларни чақириб кел! — деб буюрди.
Ичдан европача кийиниб, устидан чопон кийиб, бошига салла ўраган одам портфелини очиб, унинг ичидаги ўнларча векселдан бир нечасини ажратиб тиззасига қўйди.
Ноибнинг одами чақирилганларни супага олиб чиқиб ноиб ўтирган эшикка тўғри қилганида, портфелли киши ноибнинг одамига қараб:
— Бу ер қозихона эмас, буларни меҳмонхонанинг нчкарисига — бизнинг олдимизга олиб киринг! — деди.
Жавобгарлар меҳмонхонага кириб ўтирганларидан кейин, портфелли одам бир векселни қўлига олиб:
— Муҳсин ким? — деб сўради.
— Мен!
— Сен Қори-Исматуллодан уч юз олтмиш сўм қарз олиб вексель берган экансан. Қори ўз пулларини талаб қилганлар. Мана, ўша пулни тўлашинг керак.
— Мен, — деди Муҳсин, — Қори амакидан бир минг тўрт юз Бухоро тангасига баравар бўлган икки юз сўм қоғоз ақчани нақд олганман, қолган бир юз-эллик сўмни бўлса, ўша пулнинг бир йиллик фойдаси ва вексель бериш харажати ҳисобланган эди.
— Гапни кўп чўзиб ўтирма, — деди портфелли одам, бу ер қозихона эмас. Уч юз олтмиш сўм пулни ҳозир берасанми, йўқми? Битта жавоб бер! Ҳа, ё йўқ.
— Бир йил ваъда билан олиб, устига-бир йиллик фойдаси зам қилинган қарзимни мен қандай қилиб икки ой ўтар-ўтмас тўлайман? — деди Муҳсин.
Векселга қўл қўйиб берган вақтингда, — деди портфелли одам, — унга муддат ёзилмаган экан, қарз бериб оқ вексель олган одам, вексель қўл қўйилган кундаёқ, ўз пулини талаб қилиб, ундиришга ҳақи бор, ҳали ҳам Қори ака сенга раҳмдиллик қилиб икки ой кутганлар.
— Ахир, мен икки ойда бир йиллик фойда тўлайманми? — деди Муҳсин.
— Унинг бизга дахли йўқ. Биз шу уч юз олтмиш сўмни шу кундаёқ ундиришимизни биламиз. Закон шу
— Бу қандай бедодлик, қапдай инсофсизлик...
 Ноиб Муҳсиннинг сўзини бўлиб:
— Оғзингни юм, сен оқ подшоҳ ҳазратларининг законларини инсофсизлик дсмоқчи бўлаётирсанми?
— Бу қозихона эмаски, пора бериб муфтиларда ривоят олиб қарз берувчига қасам берсанг. Бу оқ подшоҳнинг законлари, бу закон муфтиларнинг ривояти ёқда турсин, тошни кесади, — деди Арбоб Рўзи.
— Хўп, уч юз олтмиш сўм иулни ҳозир берасанми йўқми? — деб портфелли одам такрор сўради.
— Мен бундай туҳмат билан бўйнимга юкланган пулни бера олмайман.
— Вақтни ўтказмай торгни  бошлаш керак, — деди европача кийинган одам портфелликка қараб.
— Яна бир оз сабр қилинглар, мен бунга тушунтирай, — деб ноиб Муҳсинга қараб гапга киришди:
— Сен берган векселларни Қори ака банкка қўйиб, устидан пул олган, Қори олган пулнинг ваъдаси етган-да, банк векселларни нотариусга юборган, нотариус ундириш учун Қогондаги судьяга юборган, судья: Ё пулни ундириб беринг ёки қарздорнинг мол-мулкинш сотиб бу пулни тўлатинг», деб қози калонга ўз ижрочисини юборган. Қози калон жаноблари векселлар ва русча ишлар бўйича ўз тилмочлари бўлган бу укамни (портфелли одамни кўрсатиб) бу ерга юборган. Энди уч юз олтмиш сўмни нақд қилиб бериш, агар бунинг уддасидан чиқмасанг, мол-мулкнинг «борми ошувчи» савдоси билан сотилишга кўниб жим ўтиришдан бошқа иложинг йўқ.
— Мен бундай савдога кўна олмайман.
— Кўнсанг, кўнмасанг, бўладигани шу, — деди тилмоч ва бошқа «қарздор»ларнинг  ишлари устига ўтди...
Сафарали, Пўлод ва Темирлар билан ҳам Муҳсин билан бўлганидай, уларнинг ҳам молу мулкларини «борми ошувчи» савдоси билан сотиб, Қори-Ишкамбанинг «қарзи»ни ундиришга қарор бердилар.
Ундириш куиидан бир ҳафта бурун бир минг танга нақд пул қарз олиб, у пулнинг икки йиллик фойдаси билан бирга икки минг юз танга қарздор бўлиб, оқ векселга қўл қўйиб берган Темирнинг шовқин-сурони осмонга ўрлади.
— Сен каби ваҳшийларга закон билан эмас, ваҳшийларча муомала қилиш керак, — тилмоч Темирни уриб, қамашга буюргандан кейин, ҳаммалари «борми ошувчи» савдоси учун далага — ер бошига чиқдилар.
«Борми ошувчи» савдоси бўладиган жойга кўп одам тўпланган бўлса ҳам, савдога оз киши қатнашди ва таноби икки минг, икки минг беш юз танга турадиган ерлар уч юз, тўрт юз тангалик баҳо билан Арбоб Рўзи қўлига ўтди.
Савдо тугаб, «қарздорлар»нинг ерлари Арбоб Рўзи қўлига ва у ерларнинг пуллари Қори-Ишкамбанинг чўнтагига кириб бўлгандан кейин, тилмоч ноибга қараб:
— Харгўш қишлоғига бориб, у ердаги ишларимизни саранжом қилганимиздан кейин, қайтишда яна Арбобникига кирамиз, унгача сизлар ўзаро ҳисобларни аниқлаб қўйинглар! — деди ва ўзи суд ижрочиси билан бирга файтонга миниб, Харгўш қишлоғига жўнади...

* * *

— Хўш, — деди Қори-Ишкамба Арбобга қараб, унинг меҳмонхонасига кириб ўтиргандан кейин, — энди ўзаро ҳисобни аниқланг, мен тезроқ шаҳарга қайтай, кун кечикиб қолди.
— Мен билан сизнинг қаидай аниқланмасдан қолган ўзаро ҳисобимиз бор? — деди Арбоб ажабланиб, сиз ўз пулингизни бир йиллик фойдаси билан, Темирдан бўлса, икки йиллик фойдаси билан тўла ундирдингиз, мен бўлсам, кўп вақтдан бери кўз тикиб юрган ерларни қўлга киргиздим. «Нома тамом, вассалом», ўртада бўлиши лозим бўлган бошқа харажатларни ҳам мен кўтарай. Яна нима дейсиз?
— Яна қандай бошқа харажатлар бор? — деб сўради Қори-Ишкамба ўзини билмасликка солиб.
— Хўп, зиёфатни ҳисобга олмайлик, лекин ўз одамлари билан бирга неча кундан бери бизнинг ишимиз7 устида овора бўлиб юрган ноиб эшонга тузукроқ хадя матона беришимиз керак эмасми?
Арбобнинг бу гапини ноиб бош қимирлатиб тасдиқлади. Қори-Ишкамба ҳам, ноибнинг ўзи олдида бу гапга қарши чиқишга ботинолмади ва ноиб ўз гапини давом эттирди:
— Бундан бошқа тилмоч билан суд ижрочисига ҳам арақ пули бериш керак бўлади.
— Бу ерда ичган коньяклари кифоя қилмайдими? деди Қори-Ишкамба.
— Йўқ, кифоя қилмайди, — дедн ноиб, — шунинг учун... «Биз қайтишда кирамиз», дедилар. Бу гапнинг маъноси «биз учун пул тайёрлаб қўйинглар» дейишдан бошқа нарса эмасдир.
— Сиз уларнинг гапларининг маъносини яхши тушунар экансиз, — деди Қори-Ишкамба.
— Албатта, — деди ноиб,  бўрилар тилини бўрилар тушунади, демаганларми?..
— Хўп, буларга ҳам мипг танга кетди денг, қолгани нима бўлади? — деб сўради Қори-Ишкамба.
— Яна қандай қолгани бор? — деди Арбоб ҳеч нарсани билмайдиган бўлиб ажабланиб.
— Ахир, сиз менинг «векселбозлигим» натижасида, — деди Қори-Ишкамба, — ўттиз минг тангага арзийдиган ерларни ўн икки минг танга сарфлаб қўлга киргиздингиз. Мана шу орада сизиинг қўлингизда ортиқча қолган ўн саккиз минг танга нима бўлади дейман.
— У менинг «ҳалол ҳақим», — деди Арбоб.
— Сира ундай эмас! — деди Қори-Ишкамба. — Сиз вақтида мени ўзингизга тенг шерик қилиб, векселдан унган фойданинг ярмисини менга бермоқчи бўлмаганми эдингиз?... Ўзингиз айтганча «муомалада от бўлинг, ит бўлманг».
— Қори аканинг гаплари тўғри, ўн саккиз минг тангадан харажатларни чиқариб, қолганини иккига бўлиб нккалангиз олишларингиз керак, — деб ноиб бу «ит бўлаёзган» икки «одам»нинг ораларини келиштирди.

* * *

Ёз вақти қовун пишиғи чоғлари эди. Шўркўллик бир деҳқоннинг ўғли — бизнинг ҳамсабоқларимиздан бир неча шерикларини ўз қишлоғига қовун сайлига чақирди. Чақирилганлардан бири мен эдим.
Биз чақирилганлар ўзаро кенгашиб, Шўркўлга пиёда боришни, лекин куннинг иссиқлигидан азоб тортмаслик учун тонг вақти Бухоро шаҳар дарвозаси очилган вақтда йўлга тушишга қарор қилдик.
Лекин ваъдалашган  кунимиздан бир кун бурун менинг оёғимга «ришта»  чиқиб, шишиб кетди, қишлоққа пиёда боролмайдиган  бўлдим,.
Аммо улар менга қолдириб кетмасликлари ва мен учун қаердан бўлса бўлсин, бирор арава топажакларини айтдилар, ҳам ваъдалашган кундан бир кун кейин йўлга чиқишга қарор бердилар.
Аммо от-араванинг топилиши жуда қийин бўлди.
Шерикларим хўп ҳарақатдан кейин, зўрға бир от ва бир эски арава топдилар, чорафзал топилмади, шу сабабдан тиркиш ва бўйинчасиз отнинг гарданига бир эски чопонни ўраб, аравага қўшиб, менинг турар жойим Қўкалдош мадрасасининг олдига олиб келдилар ва менинг ҳужрамдан бир кўрпа-ёстиқ чиқариб аравага солгач, ўзимни ҳам суяб олиб чиқиб аравага мингиздилар. Мен касалхонага олиб борилаётган бемордай кўрпа устига чўзилиб, ёстиққа суяндим. Бошқалар ҳам аравага ўтирдилар.
Шерикларимиздан бири аравакашлик қилди. Лекин унинг кўча муюлишларида ва олдиндан от, эшаклар чиққан вақтларда от-аравани эплаб бошқара олмаганидан бу ишда сира тажрибаси йўқлиги билиниб турарди. Шериклар унга бу ишни эплай олмагани учун гап отиб турсалар ҳам, ҳеч бириси унинг ўрнига ўтиб, «аравакашликни» унинг қўлидан тортиб олишга ботина олмас эди.
Биз юз бало ва уқубат билан шаҳарнинг тор кўчаларидан ўтиб, Самарқанд дарвозаси орқали шаҳардан чиқдик.
Бизнинг аравакашимиз шаҳардан чиққандан кейин шаҳар қалъаси бўйлаб ўнг қўлга бурилди. Чап томонимиз амир сарбозлари машқ қиладиган кенг майдон эди.
Арава майдоннинг шарқи-жанубий бурчагига етганда, аравакашимиз отни чап қўлга буриб, Шўркўлга борадиган йўлга тушди. Энди ўнг томонимизда амирнинг «Дилкушо» деган чорвоғининг девори чўзилиб борар ва чап томонимизда ҳалиги майдон бўлиб, майдон ва биз бораётган йўл орасида кенг ва чуқур зовур бўлиб ичи сув билан тўла эди.
Бу бир неча минутлик йўлда тажрибаси анча ошган аравакашимиз мутахассис аравакашлардай от устида ашула айтишга киришди ва ашула товушини эшитиб «Дилкушо» чорвоғининг деворидан қараётган бир боғбон қизига кўзи тушгач, ашуласини яна ҳам авжлантирди, ҳатто у қизга хитобан «оҳ», «вой» ҳам дея боплади.
Қиз бу юзсизларча гап отишлардан аччиғланибми ёки кайфи чоғланибми, қўлидаги олмани аравакашни чоғлаб отди ва ўзи девор ортига яширинди.
Аравакаш отнинг юганини эгарнинг қошига ташлаб ўзига отилган олмани илиб олди-да, уни қиз ўзини яширган томонга қайтариб отиб, яна ашула бошлади.

Олма рахишлаб отдим, додей, тегдими сизга?
Олма теккан жойингизни кўрсатинг бизга!
Хоҳ кўрсатинг, хоҳ кўрсатманг, ихтиёр сизда.
Биз ҳаммамиз қул бўлганмиз олмадай юзга.

Бизнинг аравакаш ашуласииинг иккинчи бандини ҳали бошлаганча йўқ эдики, ўз майлига қўйилган от чап томонга бурилиб, араванинг чап ғилдираги зовур томонга оғди. Оёғимнинг оғриётгани учун мен ўзимга эҳтиёт бўлиб турганимдан, ғилдирак силжиган ҳамон жон аччиғида ўрнимдан ирғиб туриб, ўзимни зовурнинг нариги томонига отдим: аммо бошқа йўлдошларим — от-арава ҳамда аравакаш зовурга ағанаб кетдилар.
Араванинг чап ғилдираги бир ёни билан сувга ботди ва гупчакнинг учи зовурнинг тубига тиралганидан тикка бўлиб қолди: араванинг шотиси орасида бўлган от чап ёни билан сувга ағанагани ҳолда зовурнинг ўнг қирғоғини тепиб тирнамоқда, аравакаш бўлса гоҳ ўзини, гоҳ отни ва гоҳ бу ишга сабаб бўлган қизни сўкмоқда ва бошқа йўлдошлар бутун кийимлари билан сувга шўнғиб чиқиб, нима қилишларини билмай ҳайрон-ҳайрон қараб турар эдилар.
Шу вақтда шаҳар томонидан бир сарбоз келиб қолди. Бу сарбоз бизга яқин келгач, бирданига этигини ечди, шим ва бошқа сарбозлик кийимларини ечаркан: — Пичоқларингиз борми? — деб сўради.
Бизнинг аравакаш мағрурона оҳанг билан: — Бор! — деган ҳолда қишлоқда қовун сўйиб емоқ учун белига тақиб олган пичоғини қинидан суғуриб, сарбозга узагди.
Сарбоз зовурга тушиб, аравакаш қўлидан пичоқни олди, у билан отнинг бўйнига бўйинча ўрнида ўраб боғланган эски чопонни, отни арава қўшганда тиркиш ва қоринбоғ ўрнига ишлатилган арқонни кесди-да, араванинг шотисини кўтариб туриб, отнинг ўрнидан туриши учун йўл очди.
Аравадан чиқарилиб, унинг остидан қутулган от бир-икки талпингандан кейин ўрнидан турди ва аравакаш унн юганидан етаклаб, зовурдан чиқарди.
Отни қутқазган сарбоз бошқаларнинг ёрдамлари билан аравани судраб, уни ҳам зовурдан чиқарди, кесилган «бўйинча» ва арқонни бир-бирларига тугиб ва улаб отни аравага қўшиб берди.
Йўлдошлар менинг ҳўл бўлган кўрпа-ёстиғимни сиқиб аравага ташладилар. Аравакаш отга минди.Сарбозлик кийимларини кийиб йўлга, тушаётган қутқазувчимизга мен:
— Қаёққа бораётирсиз, ука? — дедим.
 У менинг бу гапимни масхаралагандай тиржайиб:
— Шаибан қози калон қишлоғига! — деди ва тиржайишда давом этди.
— Сиз юрадиган жойнинг йўли биз бораётган жойнинг устидан ўтар экан — биз Шўркўлга бораётирмиз: аравага чиқиб олинг! — дедим.
У аравага чиқиб, жойлашиб ўтирганидан кейин, менга қараб яна тиржайди.
Мен унинг бундай «сабабсиз» тиржайишидан шубҳаланиб:
— Нега менга қараб кулаётирсиз, ука? — деб сўрадим. У хахолаб кулди-да:
— Мен сизнинг укангиз бўларлик ёшда бўлмасам керак, неча ёшдасиз? — деб сўради.
Мен унинг бу гапидан ҳушёрланиб, унинг турқига диққат билан қарадим. Унда соқол-мўйловдан асар ҳам йўқ эди, бу кўринишига қараб унга жуда кўпи билан ўн тўққиз-йигирма ёш бериш мумкин эди. Лекин юзи буришган, қовоқлари бир оз солқа бўлган ва кўзи ҳам ёшларникидай унча чарақлаб турмасди.
— Мен қайдан билай, афтингизга қараб, сизни ёш гумон қилдим. Ўзим йигирма етти ёшдаман, — дедим.
— Мен қирқ ёшимни тўлдириб, қирқ биринчисига қадам босдим, — деди сарбоз ва узр айтиш оҳанги билан давом қилди, — албатта, сизнинг афтимга қараб мени ёш гумон қилишингиздан ажабланишим дуруст эмас эди. Лекин сизнинг, мени «ука» деганингизда бир вақтлар — ўттиз яшарлик вақтларимда хўжайинимнинг менга хизмат ҳақи бермаслик учун «бола» дегани ва Қори-Ишкамба номли шаҳарлик бир судхўрнинг менга «ҳали она сутинг оғзингдан кстмаган», деб уни ёқлагани эсимга тушиб кулгим қистади.
Мен Қори-Ишкамба ҳақида бирон янги маълумот олмоқчи бўлиб:
— Хўжайинингиз шаҳарликми ёки қишлоқликми? — деб сўрадим.
— Қишлоқдан — Сангсабз қишлоғидан, Арбоб Рўзи деган судхўр эди.
— Ундай бўлса, шаҳарлик бўлган Қори-Ишкамба билан унинг қандай алоқаси бор эди?
— Ўғри ўғрини қоронғида топади, деганларидай, бу икки судхўр бир-бирови билан топишган ва икковлашиб Бўлмахўрон ва Сангсабз қишлоқларидаги меҳнаткаш деҳқонларнинг уйларини куйдирган эдилар, — деб у Қори-Ишкамбанинг ҳалиги қишлоқлар билан қандай алоқа боғлаганини ва Арбоб Рўзи билан қандай топишганини бирма-бир ҳикоя қилиб берди. Мен ундан:
— Қори-Ишкамба шу кунларда ҳам ўша қишлоқларда олди-берди қиладими? — деб сўрадим.
— Йўқ, — деди у, — бир воқеа юз бериб, шу сабабдан Қори-Ишкамба у қишлоқларда олди-берди қилиш нари турсин, у томонларга қадам босмайдиган бўлиб кетди, ҳатто бошқа қишлоқларга борди-келди қилишдан ҳам қўрқиб қолди.
 — Қандай воқеа юз берди?
— Векселлар билан одамларни қарздор қилиб уларнинг ерларини босиб олганларидан бирор ой ўтгандан кейин, бир қоронғи кечада Арбоб Рўзининг ҳовлисини ўғри босди, унинг ўзини ўлдириб, уйини таладилар ва хотин-болаларини кўчага ҳайдаб чиқариб, ҳовлига ўт қўйдилар. Мана шу воқеадан кейин одамлар «бу ишни муқаррарий ўғрилар эмас, балки ноҳақ йўл билан ерлари босиб олинган деҳқонлар ўч олиш учун қилганлар», деган овоза тарқатдилар. Шунинг учун Арбоб Рўзининг шериги бўлган Қори-Ишкамба ҳам чўчиб қолди,
— Арбоб Рўзининт ҳовлисини ўғри босганда, сиз унинг хизматида эдингизми? — деб сўрадим.
— Йўқ, — деди у ва ўзининг Арбоб Рўзида беш йил ишлаганини, охирида ҳақ бермасдан ишлашга рози қилиш учун Арбоб уни қаматганини ҳикоя қилиб берди.
— Қамоқдан қандай қутулдингиз? — деб сўрадим мен.
— Мени қози калоннинг қамоқхонасида қанча қийнаган бўлсалар ҳам, Арбобга бориб ишлашни қабул қилмадим, ундан кейин мени миршаб қамоқхонасига юбордилар, унда ҳам мени кўп қийнадилар: унда ҳам мен Арбобнинг хизматини бўйнимга олмадим. «Хўп, агар пул берсанг сени қўйиб юборамиз», дедилар миршаб одамлари. Лекин мен пул топиб бера олмадим. Охири мени, қариндоши сарбозликдаи қочиб, унинг ўрнига ўзи сарбоз бўлишга ёки одам сотиб олиб беришга мажбур бўлган бир кишига сарбозлик учун сотдилар ва пулни олиб едилар. Мен шу билан сарбоз бўлиб қолдим. Арбоб ўғрилар томонидан ўлдирилган вақтда ҳам мен сарбоз эдим.
Сарбоз билан суҳбатим шу ерга келганда, катта йўлдан ажралиб, Шўркўл томонига борадиган йўлнинг бошига етишдик. Сарбоз аравадан тушди. Мен ундан:
— Отингиз нима, ака? Билиб қолсак зарар қилмас, — деб сўрадим.
— Тўрамурод! — деди у ва «хайр-хўшлаб» Шанбаи қози калон томонга қараб кетди. Бизнинг аравакаш отнинг жиловини Шўркўл томонига қараб бурди.

* * *

Мен бора-бора Қори-Ишкамбанинг таржимаи ҳолидан бутунлай хабардор бўлдим.
У унча атоқли бўлмаган бнр мулланинг оиласида туғилиб отаси унга «Исматулло» деб ном қўйтан экан;
Исматулло беш яшар бўлганда отаси уни аввал мактабга берган, кейин у чаласавод бўлгач, қорихонага берган экан.
Исматулло неча йиллар қорихонага қатнаб, қуръонни ёдлаганидан кейин, отаси ва қўни-қўшнилар уни «Қори Исмат» дея бошладилар....
Бу орада унинг ота-онаси ўлиб, унга бир ҳовлича ва Бухоронинг сервақф мадрасаларидан икки ҳужра мерос қолди. Қори Исмат ҳужралардан келадиган вақф пулини ҳам хатми қуръонлардан ундирган пулларни ўз маҳалласидаги камбағалларга ва сармояга муҳтож бўлган майда дўкондорларга фойдага қўя бошлади.
Бундан бошқа яна бир даромад йўлини топди: маҳалласидаги ёш болаларни тўплаб, уларни қимор ўйнашга ўргатди, уларга ошиқлар, қарталар топиб берадиган бўлди. Болалар бир неча вақт пулсиз, кейин пул билан ўйнайдиган бўлдилар, шу билан қиморни ўзларига касб қилиб олдилар.
Қори Исматнинг қимордан кирими ҳам шу вақтдан бошланди: ошиқларнинг чиккасини, пуккасини, олчисини бўяб келтириб, қиморбоз болаларга сотди, ҳали очилмаган янги қарталарни қўйнида сақлаб, ўйин вақтида қарталар доғланиб, тониладиган бўлиб қолса, янги қарталарни болаларга тани харидидан тўрт баравар ортиқ пуллади.
Булардан бошқа унинг ўзи қимор ўйинига қатнашмай, томошабин бўлиб ўтириб, ютганлардан «чўтал олди. Чўталдан, ошиқ ва қарта сотишдан тўпланган пулларини ютқизиб, пулсиз қолган болаларга бирга икки шарти билан бир-икки кунга қарз бериб, даромаддан туғдира бошлади.
Қори Исмат бу даромадлардан бир пулини ҳам емай, кундузлар ҳужрасида турадиган муллаваччаларнинг ошларидан, кечалари одат бўйича «тўқим» бўладиган қиморбоз болаларнинг дастурхонларидан қорнини тўйгизиб юрди.
Қори Исматнинг қиморбоз болалар билан ошналиги кўпга чўзилмай, тездан оралари бузилди.
Бир куни кечаси ўйин жуда қизиб, аввал оқшомдан бошлаб, саҳаргача давом этганда болалар ораларида ютиш, ютқизиш кўп бўлди, кўп болалар бир неча бор ютиб, бир неча бор ютқиздилар. Уйиннинг адоғида болалар бир-бировлари билан «сен кўп ютдинг, мен кўп ютқиздим», деб баҳслашиб, охирида бу баҳсни ечиш учун ҳар қайсиларининг пулларини ҳисоблаб кўрмоқчи бўлдилар:
— Сенинг аввал оқшом қанча пулинг бор эди?
— Ўн танга!
— Ҳозир-чн?
— Беш танга.
— Менинг аввал оқшом беш тангам бор эди, ҳозир уч тангам қолибди.
— Менинг уч тангам бор эди, уни ютқиздим, ундан бошқа Қори акамдан беш танга қарз олиб, уни ҳам ютқиздим....
Бу умумий ҳисобдан маълум бўлдики, болалар ўйин охирида қолган пулларининг ҳаммасиии бир жойга тўплаганда, аввал оқшом ҳаммаларининг чўнтакларида бўлган ҳамма пулларнинг ярмига баравар келди. Бунинг устига баъзи болаларнинг Қори Исматдан қарздор бўлиб қолганлари ортиқча.
Болалар «ажабо, бу пуллар осмонга учдими, ерга кирдими?» деб ўйлай бошладилар.
Бундай ҳисоб ва текширишнинг натижасидан қўрққан Қори-Ишкамба (ҳар кеча қиморхонадан ҳаммадан кейин чиқиш одатининг аксича) «хайр, бўлмаса мен кетай, сизларнипг баҳслашувингиз чўзилди», деб ўрнидан туриб, ҳаммадан бурун кетармон бўлганда, унинг чўнтагидаги тангалар жиринглаб, бундан болаларнинг бириси «илҳом» олиб:
— Эй!... Қори акам чўталга олган пулларни ҳисобга олмабмиз-ку, — деди.
— Тўғри, — деди бошқа бир бола, кейин Қори Исматга қараб:
— Ўтиринг, Қори ака, чўталга олган пулларингизни чиқариб сананг, қани у билан бирга бизнинг ҳозирги пулимиз аввал оқшомдаги пулимиз билан баравар келадими? — деди.
Қори Исмат бу талабнинг жавобига чопон этагини маҳкам ўраб олиб: — йўқ! Мен пулимни чиқариб санамайман ва бирон кишига кўрсатмайман ҳам деди.
— Биз сизнинг пулингизни олмаймиз, фақат пулиммизнинг чўғини ҳисоблаб кўрамиз, қўрқманг, чиқаринг, сананг! — деди ҳалиги бола юмшоқлик билан.
— Йўқ, дедим, йўқ! — деди Қори зарда қилиб кетмоқчи бўлиб ўрнидан турди.
— Ҳали шундайми? — деб ҳалиги бола ўтирган ердан унинг оёқларини тутиб ўз томонига тортди.
Қори йиқилган ҳамон чўнтагини бути орасига тиқиб ҳадиксираган типратикандай қўлини ва бошини оёқ ичига тортиб, юм-юмалоқ бўлиб ётиб олди.
Болалар уиинг устига ёпирилиб чўнтагидаги пулларини чиқармоқчи бўлдилар, лекин у ёш болалар ўйнаётган катта тўпдай ҳар томонга юмалаб, чўнтагини қўйиб юбормади.
— Уринглар! — деди болалардан бири ва қўлини  баланд кўтариб, унинг яланғоч бошига бир мушт урган эди, Қорига таъсир қилмади-ю, лекин у боланинг вой-войлаб аламидан: — Ҳали тўхтаб тур, сени нима қиламан, — деб югурганча бориб қимор ўйнаганда керак бўладиган пишиқ ғиштни  токчадан кўтариб олиб, Қорининг бошига урди.
Бу зарба билан унинг боши ёрилиб, обдастани жўмрагидан оқаётган сувдан қон оқа бошлади...
Бир фаслдан кейин Қори сулайиб қолгач, болалар унинг чўнтагидаги пулларни олиб қочдилар.
Қори ярасининг қони тўхтагандан кейин бирон соат ётиб ҳушига келгач, ўрнидан туриб, деворга суяна суяна уйига кетди...
Қори Исмат учун соч олдириш ҳақини озроқ беришга баҳона бўлган бошидаги туксиз доғ, мана шу қиморбоз болалар, мажлисидан унинг умрининг охиригача қолган бир ёдгорлик эди.
Лекин Қори-Ишкамба таржимаи ҳолининг шу нуқтасини ўзидан сўраб, тасҳиҳ ва тасдиқ қилдирганимдан кейин, унга:
— Сизнинг бошингизда у мажлисдан шундай доғ қолганидай ўша кеча чўтал пуллари қўлингиздан кетгани сабабли юрагингизда ҳам тузалмас доғ қолгандир! — деб савол берган эдим, у менинг саволимга:
— Йўқ! Юрагимдаги доғ аллақачонлар тузалди, қўлдан кетган пуллар, сартарошдан бошимдаги доғ учун сақлаб қолганим соч олдириш пулидан «болалари» билан унди, — деган эди.

* * *

Қори Исмат чўтал пулидан ва қимор мажлисининг ҳиссасидан маҳрум бўлганидан кейин, бутун ҳимматини кўча судхўрлигига, қуръон сотишга, қарздорларнинг ва ҳужрасида турадиганларнинг ошларини ейишга сарф қиладиган бўлди.
У бир оз улғайиб, пули ҳам кўпайгандан кейин, пулни баъзан куядиган майда судхўрликни ташлаб, савдогарлар ва катта дўкондорлар билан олди-берди қилишга киришди.
Қатта савдогарларда унинг пули гўёки сира куймаган, ундай одамлар синадиган бўлганларида ҳам бошқа қарздорлардан яширин «яна бирон кун Қори бизга керак бўлади», деб унинг пулини батамом тўлаганлар ва ундан кейин синганликларини эълон қилиб, бошқалардан бўлган қарзларини қўлларидаги нарсаларнинг расамадига қараб, сўмига ўн тийиндан ёки йигирма тийиндан берар эдилар.
Қори Исмат ёшлигида синган икки катта бойда пули куйди, лекин у бирон нарса харажат қилмай, тўй бермай, уларнинг қизларини хотин қилиб олди ва у хотинларни ўша куйган пул бадалига келган, деб ўзини юпатар эди. Унинг «хуш бахтлигидан» у хотинлар чевар, ҳунарманд дўзаида чиқиб, Қори Исмат уларнинг ўйларига бир пул харж қилмаганидек, уларнинг кийим ва овқатларига ҳам бирон пул харж қилмасди. Улар дўппи тикиб, ўз тирикчиликларини ўзлари ўтказар эдилар.

XIV

Мен Қори-Ишкамба билан эндигина таниша бошлаганимда «унинг етмиш беш минг сўм тиллага баравар келадиган беш юз минг Бухоро тангаси бор», деб эдилар.
У вақтларда қарзга пул оладиган савдогарлардан ортиб қолган пулнни банкларга қўярди.
Бир ҳодиса юз бериб, шундан кейин унинг банкларга ишончи йўқола ёзди.
Бухорода контора очган банклардан бири Русско-Китайский (Азиатский) банк эди. Қори-Ишкамба ҳам ўз пулини ўша банкка қўярди. Бу банкнинг биноси қуйи баззозлик аталиб, Бухоро пассажининг  жануб томонидан ўтадиган растадан пассажга чиқадиган зинанинг рўпарасидаги тор кўчада эди. Бу тор кўча янглиги растадан бошланиб «Саррофон» ҳаммоминин гўлоҳи олдидан ўтиб, бир неча эгри-бугри тор кўчаларга бўлиниб, яҳудийлар маҳалласи орқали «Пуштизсиғон» аталган хилват бир маҳалла билан шаҳарнинг «Саллоххона» номли дарвозасидан чиқиб кетарди.
Бир кун банкнинг ичидаги бутун муомалачилар чиқиб, раста томонидан ўн-ўн икки нафар европача кийимлар кийган номаълум одамлар келиб, деворга орқаларини бериб банкнинг эшиги олдида қатор турдилар.
Улардан қатор бошидаги одам банкнинг ичкарисига кирмоқчи бўлди. Соқчи бир неча бор «банк ёпик деб хабар берса ҳам, у ўзини эшитмаганликка солиб яна эшикни итара бошлади.
Соқчи бу «кар» одамнинг қилиғидан зерикиб, эшикнинг бир тавақасини ярим очиб, унга:
— Соат икки бўлди, банк аллақачон ёпилди, деди.
Номаълум одам соқчи сўзи тугашини кутмай, яна эшитмагандай бўлиб, ярим эшикни итариб кириб, бир қўли билан соқчининг милтиғини тутди, иккинчи қўли билан унинг кўкрагига тўппонча тираб:
— Жим тур, овозингни чиқарма! — деган буйруқ берди.
Бу буйруқ билан соқчи жим бўлиб, номаълум одамнинг киришига йўл берганидан, ҳалигача деворга соя бериб турган бошқа номаълум одамлар ҳам биринчи номаълум одамнинг орқасидан босиб кирдилар.
Номаълум одамлар бапкнинг эшигини ичкаридан ёпиб, соқчини ерга ётқизиб, унинг қўл-оёғини маҳкам боғлаб, оғзига латта тиқдилар. Улардан бири соқчининг кийимини кийиб, милтиғини қўлига тутиб, унинг ўрнида «қоровул» бўлиб турди ва бошқалари тўппончаларини яланғочлаб банкнинг амалиётхонасига кириб, у ердаги ходимларга:
— Овозингизни чиқармай, қўлларингизни кўтаринглар! — деган буйруқ бердилар.
Ходимлар ихтиёрсиз қўлларини кўтариб жим турдилар, баъзи бирларида қўл кўтаришига ҳам мадор қолмай, қотиб қолдилар.
Номаълум одамлар банк ходимларини бир бурчакка тўплаб, кўз ва оғизларини, қўл ва оёқларини боғлагандан кейин, ётқизиб, уларнинг устларига ўзларидан бир нечта кишини қоровул қўйиб, қолганлари ишга киришдилар. Телефон симларини уздилар, кассирлардан пўлат сандиқларнинг калитларини олиб, улар ичидаги нақд пул ва бошқа қимматли нарсаларни олдилар ва банкнинг пул соладиган қопчаларига жойладилар ва бу қопчаларни бўз қопчаларга тиқиб кўтардилар.
Номаълум одамлар банк ходимларининг устига икки қуролли кишининг қоровул қўйганларидан кейин қопчаларни кўтариб эшик олдига келдилар. У ердаги соқчи ўрнида қоровул турган номаълум киши эшикни очиб, ўз йўлдошларини узатди, ўткинчиларни шубҳага солмаслик учун «қоровул» қўлда яроғи билан ўғриларни олдига солиб кета берди.
Бирон соатдан кейин юқори ва қуйидаги «қоровуллар» банкнинг эшигини ўз қулфи билан ташқаридан қулфлаб, тор кўчаларга тушиб кетдилар.
Банк ходимлари «қоровуллар» банкдан чиқиб кетадиган бир муддат яна жим ётгандан кейин, ўзларини ечишга уриниб, аввад бирови тиши билан ўзи боғланган ипни чайнаб узди, сўнгра бир-бирларини ечиб, деразадан туриб: «Ўғри босди, тутинглар!»... — деб бақира бошладилар....
Икки минутда банк тевараги одам билан тўлди, бу орада қози калон ва қушбегининг одамлари, миршабнинг ўзи бутун дастаси билан етишиб келди. Миршаб чилангар уста чақириб банк эшигининг қулфини синдириб ичкарига киргач, банк ходимларидан ўғриларнинг нишонларини сўраб олгач, кейин уларни тутмоқ учун ҳар томонни қидириб кўрган бўлсалар ҳам, ўғрилардан бирон дарак тополмадилар, лекин улар ўзларига ва миршабга янги бир дартманд манбаи тайёр қилмоқчи бўлиб, кўпгина бечора кишиларни «шубҳали одам» деб тутиб миршабхонага қамадилар.
Қушбеги шаҳар ташқарисини қидириб, ўғриларни тутмоқ учун амирнинг «Кавказ» деб аталган бир даста отлиқ аскарини юборди. Бу аскарлар тўдачаларга бўлиниб, ҳар томонга қараб от чоптириб, милтиқ ота бердилар.
Булардан бир тўдаси шаҳарнинг шимоли-шарқида; шаҳардан ўн олти километр келадиган «Шўркўл» деган кўлнинг бўйида банкнинг пул соладиган қопчаларини бўш ҳолда топдилар, бу аломатдан ўғриларнинғ ўша томонга кетганларини гумон қилиб, аскарларнинг асосий қисми ўша томонга йўналган бўлса ҳам, бирон ўғрини учрата олмади.
Фақат аскарлариннг кичкина бир тўдаси шаҳарнинг жанубида «Мурғак» станциясига яқин бир ерда шубҳали нотаниш уч кишига дуч келиб, уларни тутмоқчи бўлганда, улар аскарларга қараб милтиқ ва тўппончадан ота бошладилар, бир неча минутлик отишув натижасида аскарлардан бири ўлиб, қолганлари у шубҳали одамларни қўлга киргизишдан воз кечиб, қайтиб кетдилар.
Қисқаси, икки кунлик елиб-югуриш натижасида ўғрилардан бирон киши ҳам тутилмади, уларнинг ким эканликларини ҳам бирон одам билмади.
Бу ҳодисадан кейин Бухоро шаҳридаги банк конторалари марказий ва асосий кассаларини Когонга кўчирдилар, кундалик муомалалари учун керак бўладиган маблағни ҳар кун эрта билан Когондан Бухорога казаклар соқчилиги остида келтирадиган ва иш вақти тугагандан кейин конторада қолган ва тўпланган пулни яна Когонга олиб борадиган бўлдилар.
Шу ҳодисадан кейин Қори-Ишкамбани «энди пулини куйди», деб қўрқитдилар ва унинг ўзи ҳам пулининг унишига унча умид қилмасди, шупинг учун унинг авзойи бузилиб, ақлдан оза ёзган эди. Аммо орадан икки-уч кун ўтиб, банк янгидан очилиб, ишга бошлаганида Қори-Ишкамбанинг талаби билан дарров унинг пулини' қайтарди ва процентларини ҳам тўлади. Шу бйлан у яна банкка ишониб ва ўша соатнинг ўзидаёқ пулини  яна топширди. Ундан кейин ҳам қўлига тушган пулларини тезлик билан элтиб банкка топширадиган бўлди:
Аммо банкда иш тугагандан кейин ёки кечалар қўлига пул тушса ва пулларни қарзга оладиган хусусий талабгорлар бўлмаса, у ташвишда қолар эди: бир томондан, у пул эртага, банкнинг контораси очилгунча. бекор ётади, иккинчи томондан, пулни ўғирлатиш хавфи бор. Ўгрилардан қўрқиб, у пулни ўз ўйига элтиб қўёлмасди, уни шундай бир жойга қўйиши керак эди-ки, уни ўзидан бошқа бирон киши билмасин.
Қори-Ишкамбанинг «фазилатлари»дан бири шу эди-ки, у ҳаркимдан шубҳа қиларди, унинг ўйловича, ҳамма одамлар унинг орқасидан пойлаб юрадилар ва фурсат топиб, гўё унинг пулларини ўмариб кетмоқ фикрида, шунинг учун у ҳеч кимдан хотиржам эмас, ҳеч кимга ишонмас эди.
Унинг кўнгли, ёлғиз ҳикоямизда бир марта зикр этилиб ўтган «Қавказ» саройининг саройбонидангина хотиржам эди.
Бир куни «Кавказ»нинг саройбони дарвоза ичкарисидаги супачада ўтирар экан, Қори-Ишкамба олдидан ўтди.
Унинг аҳволидан яхшигина хабардор бўлган саройбон қизиқчилик қилиб чўнтагидан ўн беш тийинлик танга чиқариб, йўлакка ташлади ва ўтиб кетган Қори-Ишкамбани чақириб: — Қори амаки, йўлакда бир танга кўринади, сиздан тушган бўлмасин, — деди.
Қори-Ишкамба сесканиб йўлидан қайтди ва қўлини ён чўнтагига тиқиб:
— Вой, шўрим қурсин, чўнтагим тешилган экан, ундан тангалар тушиб кетибди, — деди ва саройбонга яқинлашди-да, — қани, қани ўша сен кўрган танга? — деб сўради ундан.
Саройбон ўзи ташлаган тангани кўрсатди. Қори-Ишкамба йўколгап бирон муҳим нарсасини топган одамдек, югуриб бориб саройбон кўрсатган тангани ердан ола солиб, шошилганидан тангани «тешилган» деб кўрсатган ҳалиги чўнтагига солиб саройбонга миннатдорчилик билдира кетди:
— Илоҳи барака топкайсан, ука! Сенинг шарофатинг билан йўқолган бир тангам топилди, агар сенинг ўрнингда бошқа бирон киши бўлсайди, менга хабар бермайин у тангани олиб ўз чўнтагига соларди. Шу замонда ҳам одамнинг ҳақидан парҳез қиладиган киши топилар экан. Илоҳи биринг ўн, ўнинг юз, юзинг минг бўлгай!
Шу воқеадан кейин саройбонга Қори-Ишкамбанинг эътимоди ошиб, кечқурунлар бирон жойдан пул олиб келтирмоқчи бўлганида у саройбонни ўзи билан бирга олиб борадиган бўлди, саройбон ҳам унинг пул яшириб қўядиган жойини билиб олди.

* * *

Қори-Ишкамба «Кавказ» саройбонига эътимоди ошганидан бир неча йил ўтгандан кейин, бир ҳодиса ю бердики, унинг у саройбон ҳақидаги ишончи кул бўлиб кўкка совурилди.
Бир кун мен Бухоронинг «Сесув» деган, усти ёпиқ растасидан ўтиб борардим. Раста томи орқали «Кавказ» саройи томига туташиб кетган бир саройчанинг дарвозаси олдида бир талай одамлар тўпланиб турганини кўрдим.
«Нима гап экан» деб йиғин орасидан ўтиб, саройча дарвозасига яқинлашдим: у саройнинг саройбони, қўлида бир таёқ тутиб туриб, одамларни саройчага киргизмасди. Саройчанинг ичида миршабнинг одамлари даҳа боши, қози калон ва қушбегининг бозорларда юрадиган терговчилари кўринардилар. Улар бир-бирлари билан қизғин-қизғин гаплашмоқда эдилар. Орада Қо ри-Ишкамба бўлиб, у эрининг ўлиги устида йиғлаётга хотиндай ҳар томонга ташланиб, «уйим куйди, уйим куйди, вой уйгинам куйди-и-и!..» деб бақириб йиғламоқда эди.
Суриштириб кўрсам, ўша кеча Қори-Ишкамбанин ўша саройчадаги ҳужрасининг томини тешиб, сандиғини синдириб, яшириб қўйган пулларини олиб кетганлар.
Қори-Ишкамбанинг айтишича, у ўша кеча у ерда «ҳар ўн донаси етти мисқол келадиган соф кумушдан Бухоройи шарифда зарб қилинган ўн минг тангани яшириб қўйган экан. Агар бу маблағ «Петербургда зарб қилинган император олтини» билан ҳисоб қилинса, бир минг беш юз сўм олтинга баравар келар экан.
Миршаб одамлари билан терговчилар тешилган жойдан из олиб борганларида, из «Кавказ» саройининг томигача бориб, у ердаги сарой ичидан томга чиқадиган зинапоя бошида йўқолган, текширганларида маълум бўлганки, у зинапоянинг эшиги доимий қулф бўлиб, калити саройбонда турар экан.
Бу далиллар билан миршаб одамлари, терговчилар ва томошабинлар «бу ҳодисадан «Кавказ» саройбонининг хабари бор, унинг ўзи бу ишни қилган бўлмаса ҳам, қиладиганларни уюштириб, бошчилик қилган» деб ҳукм қилдилар.
Қори-Ишкамба миршаб одамлари ва терговчилар топган далилга яна бир далил қўшиб айтар эди:
— Бу ҳужрада менинг пул қўйишимни «Кавказ» саройбонидан бошқа одам билмас эди. Айниқса, шу кеча ўн минг тангани мен унга кўтартириб, у билан бирга келтириб яширган эдим.
Биринчи текшириш битгандан кейин, Қори-Ишкамба сочларини юлиб, юзларини тирнаб, дод деб бориб қози калон, қушбеги ва миршабдан мулозим, ясовул ва навкарлар олиб, «Қавказ» саройбонининг бошига келтирди ва уни маҳкамага судрамоқчи бўлди.
Саройбон ҳеч бир қонунни бузмай кулимсираб туриб, ҳукумат одамларини саройда ерлашган «Кавказский меркурий» ширкатининг директори олдига олиб борди.
Директор ҳукумат одамларининг сўзларини эшитгандан кейин, уларга айтди
— Биринчидан шуки, менинг саройбоним ўғри эмас, шунинг учун мен бу саройни шу қадар мол билан унинг қўлига топшириб қўйганман, иккинчидан, менинг саройбоним Русия табааси, Бухоро ҳукуматининг бир рус табаасини маҳкамага тортишга ҳақи йўқ. Сизлар бориб қози калон ва қушбеги жанобларига мендан салом айтиб, у жанобларга мен айтган гапларни тушунтиринглар....
Саройбон Бухоронинг ерлик халқидан эди. Бу ҳодиса устида маълум бўлдики, у ҳам Бухоронинг баъзи бир ерлик халқидан шундай ҳодисаларда ўзини ҳимоя қилдириш учун Русия табааси бўлиб олган экан.
Қори-Ишкамбанинг ўн минг тангаси «Кавказский меркурий» дпректорининг бир «пуфи» билан кўкка совурилиб кетгандап кейин, у, кўчаларда «вой-вой»лаб юрар, дуч келган одамни йўлдан тўхтатиб, юзинчи марта бўлса ҳам, бу ҳодисани унга ҳикоя қилар ва саройбон, қози калон, қушбеги ва директорни қарғар, энг охирида ўзини «нега у саройбонга ишондим, нега уни ўзимга сирдош қилдим», деб сўкарди. «Одам деган пул тўғрисида ётларгагина эмас, ўзига ҳам ишонмаслиги керак», дер эди ва «бундан буён ўзимга ҳам ишонмайман», деб ўзига-ўзи сўз берарди.
Унинг бундай сўзларини эшитиб турган баъзи бир кишилар:
— Ўғрини қароқчи урган экан, зарари йўқ! — деб ўртанган юрагига туз сепиб кетардилар.
Орадан кўп вақт ўтмай Қори-Ишкамбанинг бошига яна бир «қора кун» тушди, шу билан у саройбон томонидан еган зарбанинг аламини унутди.
Бухоронинг «Хўжаевлар» оиласидан бўлтан бир катта савдогарининг ўз хўжайинидан тўла ваколат бўлган мирза Абдулла деган кассири бор эди. Шу мирза Абдулла қоракўлчи савдогарлар пулга жуда муҳтож бўлган бир пайтда, яъни қоракўл териси мавсумида Қори-Ишкамбани чақириб, хўжайинининг номидан ўн беш минг сўм сўради. Бу маблағни икки ой ишлатиб, ойда икки минг тангадан — икки ой учун тўрт минг танга фойда ваъда қилди, бу маблағнинг ўзи ва фойдаси учун икки ойлик муддатли вексель бермоқчи бўлди.
Қори-Ишкамба бу таклифни эшитиб, қувонганидан терисига сиғмайдиган даражада шишиб кетди. Тезроқ пулни келтириб, бу муомалани амалга оширмоқ учун банкка қараб югурди, йўлда дуч келган одамларга қарамади, уларнинг саломларига жавоб ҳам қайтармади, ҳатто дўкондорлар олдидаги тайёр нон-чойларга ҳам кўз ташламади. Қувончининг ошганидан кўкраги торайиб, нафаси қисилган бўлса ҳам, югурганича банкка борди, у ердан пулни олиб, яна аввалги тезлиги билан қайтиб, мирзанинг олдига келди ва унга нафас қисила-қисила:
— Пу-пу-пулни, са-са-санаб о-о-олинг, ве-ве-вексселни, ё-ё-ёзиб беринг! — деди.
Қори-Ишкамба бу даража қувонч ва шошилишга ҳақли эди. Чунки, у бу маблағ учун бойдан икки ойда оладиган процентини банкдан бир йилда оларди, Мирза Абдулла у пулни санаб кўрса, тўқсон олти минг танга экан.
— Бу кам-ку, — деди. I
— Нега? Икки ойлик фойдаси билан юз минг танга бўдади-да, сиз расо юз минг танга — ўн беш минг сўмлик вексель берсангиз иш тамом.
— Йў-ў-ў-қ!— деди мирза Абдулла чўзиб, — сиз мени алдай олмайсиз. Мен сизга юз минг танга учун ойда икки минг танга фойда ваъда қилдим, шунинг учун икки ойлик процентини кўшиб, бир юз тўрт минг тангалмк муддатли вексель тайёрлаб қўйдим. —Мирза  ўз сўзини исбот қилмоқ учун тайёрланган векселларни кўрсатиб, яна давом қилди:
— Аммо сиз тўқсон олти минг танга учун ойда икки минг танга фойда олмоқчи бўлсангиз, бу ўйинингиз менга ўтмайди сиз бундай ўйинни пулга муҳтож бўлган бирон камбағалга қилинг. Агар мен қилган таклифга рози бўлмасангиз пулингизни олиб боринг, агар толиб бўлсангиз яна тўрт минг танга бергшг ва векселни олинг!
Қори-Ишкамба бу таклифга розигина эмас, балки бунга жондан толиб эди. Шунинг учун у аввалги тезлигидан ҳам тезроқ бориб, тўрт минг танга келтирди ва уни ҳам мирзанинг олдига қўйиб:
— Ана буни ҳам санаб олинг, векселни беринг! — деди.
Мирза таажжуб билан Қорига қараб туриб:
— Бу қандай пул, сиз қандай вексель талаб қилаётирсиз, мен тушунмадим-ку, — деди.
— Ҳазил қилманг! Ҳозир қизиқчилик вақти эмас. Югурганимдан нафасим оғзимга тиқилиб ўлаёздим, бир чой буюрингки, ичиб нафасимни ростлай.
— Ҳозир ишим кўп, чой буюриш, чой нчиш ва сизни лақиллатиш учун фурсатим йўқ, боринг, кетинг, Қори амаки.
— Ундай бўлса, векселимни беринг, мен кетай.
— Қандай вексель? Бу пулингизни олинг, менинг хўжайиним учун бугун пул керакмас. Бугун мен қарзга пул ҳам олмайман, вексель ҳам бермайман.
— Хўп, ундай бўлса ҳалиги тўқсон олти минг тангани беринг, мен уни олиб борнб банк ёпплмасдан бурун топширай.
— Қандай тўқсон олти минг танга? Туш кўраётирсизми ёки жинни-минни бўлдингпзми?
— Ахир, ҳалигина тўқсон олти минг тангани санаб олмадингизми ва «яна тўрт минг танга келтиринг, юз тўрт минг тангалик вексель бераман», демадингизми?
— Ҳазил қилманг, Қори амаки, вақтим йўқ деяпманку. Боринг, кетинг, мен ўз ишимни қилай.
— Ўзингиз ҳазил қилаётирсиз. Лекин бу ишингиз хазил ҳам бўлса, юрагимни ёраёзди. Ва тезроқ векселни беринг ёки пулимни қайтаринг!
— Етар шу қадар жиннилик, Қори! Тезроқ чиқиб кетинг, менинг зарур ишим кўп! Жинниларнинг жойи савдохоналарда эмас, Хоша Ўбоний  эшоннинг уйида, — деб мирза ўрнидан турди ва Қори-Ишкамбани эшик, томонга итарди.
Қори-Ишкамба «вой уйим куйди», деб дод деганича ўйинчоғи тортиб олинган ёш болалардай ҳўнграб йиғлай бошлади..
Мирза ўз хизматчиларини чақириб, уларга:
— Бу жиннини чиқариб ҳайданглар! — деб буюрди. Хизматчилар Қори-Ишкамбани чиқармоқчи бўлганда у овозининг борича додлаб, ерга ағанаб:
— Менинг жоним шу ерда, мен қандай кетаман? Жонсиз жасад юра оладими?.. —- деб шовқин-сурон солди.
Хизматчилар «ҳақиқатан бу бечора жинни бўлган экан», деб ўликни судрагандай унинг қўл-оёғидан тутиб судраб мирза ўтирган конторадангина эмас, саройнинг дарвозасидан ҳам чиқариб кўчага ҳайдагач, саройбонга:
 — Бундан буён уни саройга киришга қўйма! — дедилар.
Қори-Ишкамба, эгаси уйидан қувиб, юзига эшикни ёпган итдай, қайта-қайта саройга кирмоқчи бўлиб эшикка тармашиб дод-фарёд солган бўлса ҳам, ҳар доим саройбон уни кўтариб мушукни отгандай қилиб ирғитиб ташларди.
Қори-Ишкамба саройга қайта кира олишдан умидини узгандан кейин, салласини ечиб бўйнига солди
— Вой дод-ей! Бу қандан зулм? Мусулмонлик шу тун йўқолган эканей-й-й! — дея амирнинг аркига ўрдага қараб югурди. Уни бу ҳолда кўрганлар жинни бўлганига ҳеч шак-шубҳа қилмасдилар. У орқасидан кўп томошабинлар эргаштириб арк дарвозасига етди,
Бу воқеа юз берган вақтда амир Русияда бўлиб арк дарвозахонасида қози калон билан қушбеги бақамти ўтириб, шаҳар ва мамлакатни «идора» қилар эдилар. Қори-Ишкамба уларнинг олдига бориб, ўзини ерга ташлаб, уларга воқеани ҳикоя қилди, мирза Абдуллага жазо бериб, ундан тўқсон олти минг тангани ундириб беришларини сўради.
— Менинг болам ва бошқа меросхўрларим йўқ, фақат икки хотиним борки, агар улар мен ўлгунча тирик қолсалар молу мулкимдан тўртдан бир мерос оладилар,қолган нарсаларимнинг ҳаммаси жаноби олийларники бўлади. Ҳатто агар сизлар муносиб кўрсангизлар хотинларимни ҳам дарҳол талоқ қиламан. У ҳолда ўлгандан кейин, мол-мулкимнинг ҳаммаси жаноб олийники бўлади. Шариат ҳокимлари ва жаноби олийнинг ноиблари бўлган сиз жаноблар мана шу ҳолларни назарга олиб менинг пулимни жаноби олийнинг ўз пуллари ҳисоблаб, у худо бехабар мирзадан ундириб бериб, менинг дуомни олинглар!
Аммо ҳокимлар Қори-Ишкамбани бу ҳолда кўриб, унинг бундай арзи додига фақат кулибгина қўйдилар. Мирза Абдулла хўжайинининг обрўси амир ҳукумати олдида Қори-Ишкамбанинг обрўсидан неча марта ортиқ бўлгани сабабли, унинг илтимосига қулоқ солинмади.
— Сизнинг жанжалингиз биз сўрайдиган оддий жанжаллардан эмас, сизларнинг карвонбошиларингиз бор, оқсоқолларингиз бор ва ҳар бир олди-бердиларингизни уларнинг ҳузурларида вексель билан қиласизлар. Сиз вексель кўрсатмай, карвонбоши билан оқсоқол гувоҳлик бермай туриб, биз нега бир обрўли одамни бош оғриғи қиламиз, — дедилар, холос.
Қори-Ишкамба яна шовқин солиб, жиннилик қилганда уни ясовуллар уриб-уриб арк дарвозасидан тушириб қувладилар.
Ундан кейин Қори-Ишкамба бутунлай жиннилашди. У кўчаларда югуриб дод солар, таниш бўлса бўлмаса, ўзйга дуч келган одамни тўхтатиб, бошидан ўтган бу воқеани унга ҳикоя қилар ва ундан маслаҳат сўрарди. Баъзи ҳазилвандроқ эшитувчилар уни «юпатган бўлиб»:
«Ифлос сув ботқоқда яхши» , деганлар, аслда сизнинг пулингиз мурдор эди, бир мурдор жойга кетган экан, хафа бўлманг. — дер эдилар.
Қори-Ишкамба бундай «юпатиш» эшитганда бир алами ўн бўлар, жароҳатли баданига туз сепилгандай дод дер, ундай «юпатувчини» сўкар ва бошқа раҳмдилроқ бирон одам топиб, дардлашув учун яна югурарди. Томошабинлар ундан кулардилар.
Ўша маҳалда Қори-Ишкамба бир куни йўлда менга дуч келди ва йўлимни тўсиб, бошига тушган мусибатни менга ҳикоя қилиб бериб, мендан маслаҳат сўради. Мен унинг саргузаштини, жумладан, қози калон ва қушбегига бориб арз қилганини, уларнинг қандай муомалада бўлганларини ипидан игнасигача билиб олган бўлсам ҳам, ўзимни билмасликка солиб, уни: «дард-аламини» охиригача эшитиб, аҳволига «афсусланиб», маслаҳат тариқасида дедим:
— Бундай катта воқеа ва «оғир мусибат» тўғрисида мендай кичкина одам қандай маслаҳат бера олади сиз бориб ҳокимлардан — катталардан маслаҳат ва ёрдам сўранг!
— Илоҳи, катталарнинг уйи куйсин, катталарнинг болалари ўлсин, катталар бир бурда нонга зор бўлсинлар! — деб катталарни сўкиб-қарғаб, қози калон билан қушбегининг ўзига қилган муомалаларини яна бир бор айтиб берди.
Қори-Ишкамбанинг бу ҳолатидан «Биби-Даҳбоши» деган бир жинни хотиннинг воқеаси эсимга тушди. Бухородаги Говкушон маҳалласида «Говкушон» номли бир мадраса бор, мадрасанинг шимол томонидан бориладиган қлмматбаҳо кийимлар эди. Улар қаватини йиқитган болаларни қувлашга киришарди, шу маҳал нариги томондаги болалар югуриб келиб, орқасидан унга ҳужум қилардилар.
Охирида Биби-Даҳбоши чарчади ва этагини янгидан тош кесаклар билан тўлатиб бориб, орқаси билан мачит деворига суяниб ўтирди. У  ўтирган жойида бо-лаларни қарғар, яқин келганларини тош, кесак билан урарди..
Шу вақтда Бухоронинг бир неча катта бойлари ва домлаларининг Регистон томонидан пиёда келаётганлари кўринди. Улар бирон тўй ёки зиёфатдан келаётган бўлсалар керак, қоринларини қаппайтириб, тишларини ковлаб, секин-секин улуғвор қадам ташлаб келмоқда эдилар.
Уларнинг эгниларидаги кийимлар ҳам тўйга кийиб белларини боғлаган, бошларига зардор дўппи кийиб  қават кенг жиякли нарча гулли сатин чопон кийиб, унинг устидан тилла камарбанд ёки шойи фўта1 билан  астари ҳам шоҳи бўлганини халққа кўрсатмоқ бўлса керак, этагини сал бар уриб қўйган эдилар. Улар ҳар қадамда бир тўхтаб бир-бировларига нима тўғрисидадир гапирардилар.Регистон ва Каппон томонларга ўтиб кетадиган каттагина кўча бор, бу кўчанинг шимолида «Шаҳар Рўд»бўлиб, унинг шимолида «Масжиди Хожа» номида бир  жоме бор. Мана шу жоме билан «Рўд» орасида бу унинг  устидан «мисқолий» деб аталадиган қимматбаҳо йўлак бор эдики, амир замонида унда тиланчилар, қўлда дока ип силлиқ қилиб ўраган эдилар. Улар чопонла-лар, шоллар ёпиб юрар эдилар.
Бир вақтлар шу тиланчилар ва майиблар орасида «Биби-Даҳбоши» лақабли бир жинни хотин пайдо бўлди. Болалар ҳар бир жиннига ўчакишганларидай, Биби-Даҳбошига ҳам ўчакишиб қолган эдилар.
Кунлардан  бир кун мен ҳалиги жоменинг ғарбий- жанубий бурчагига яқин ерда, Рўд устидаги тош кўприкда офтобда исиниб ўтирардим. Болалар Биби-Даҳбо теварагига тўпландилар. Унинг юз ва кўзига туришизнинг балоларни олай катталар, бу салла-чопонлар сепдилар, бошидаги рўмолни олиб сувга отдилар, ишингизни худо ўзларингизга насиб қилсин, катталар ранжисини олиб қочдилар ва бошқа кўп шўхликлар ул ва муомаалингнз яхши. кунларингизга сарф бўлсин.
Болалар ҳужуми жонига теккан Биби-Даҳбоши бу катталарни кўргач, арз-додга киришди ва уларга ялиниб-ёлвориб деди:
Бошларингиздан ўргилай, катталар, болаларингизни олинглар. Шўрлик Биби-Даҳбоши ҳам болалараинг бу ёмон қилиқларига қарши жим турмасдан болаларни қарғарди, этагини тош ва кесаклар билан тўлдириб уларни урмоқчи бўлиб қуварди, тўғри келганини тутиб олиб урарди.
Болалар кўпайдилар. Бош яланг, оёқ яланг Биби-Даҳбоши уларнинг орасида қамалда қолди, у бир неча болани тош ва кесак билан урмоқчи бўлиб қувса, бошқа бир неча бола унинг орқасидан етиб келиб, кийимидан тутиб тортарди, у йиқиларди ва ўрнидан туриб ўзи ён-ғарибни шу шумтакалар қўлидан қутқаринглар, катталар!
Бу жиннинг, айниқса, у хотин бўлса арз-додини эшитишгина эмас, хатто унинг томонига қайрилиб қараш  ҳам «катталар»нинг шавкат ва ҳашаматларига келишмасди. Шунинг учун улар жинни хотиннинг нолишини эшитмагандай бўлиб, аввалгидай виқор билан гаплаша-гаплаша, секин-секин қадам босиб ўтиб кетавердилар.
Қатталарнинг гапга қулоқ солмаганларини, ҳатто ўз томонига қиё боқмаганларини кўрган Биби-Даҳбоши болалар ўрнига «катталар»ни қарғай бошлади:
— Илоҳи пул ва молингиз ўғриларга, қароқчиларга насиб бўлсин, катталар.
Биби-Даҳбошининг ўшанча ялиниб-ёлворишларига, қулоқ солмаган ва унинг арз-додини эшитмагандай бўлган «катталар» унинг бу қадар қарғашларини ҳам эшитмагандай бўлиб кета олмасдилар. Чунки улар ўзларини эшитмаганликка солсалар ҳам, бошқа ўткинчилар эшитаётирлар ва кўраётирларки, бу жинни хотин1 шаҳарнинг катталарини қандай масхара қилмоқда, шоҳи ва ипакли чопонларига қарамасдан уларни тупроққа булғаб, балчиққа беламоқда.
Шунинг ила баравар улар бир жинни хотинга нима қила олардилар? Қўлларидан келадиган иш ёлғиз шугина бўлдики, катталик ва улуғликни бир томонга қўйиб, шоҳи астарли узун ва кенг ипакли чопонларига ўралиб олиб, жинни қувган болалардай қоча бошладилар ва жонлари борича югурдиларки, токи тезроқ у кўчада узоқлашсинлар, токи жинни хотин кимни сўкаётганини ,одамлар кўра олмасинлар.
Лекин шу ҳодисадан кейин, Биби-Даҳбоши «катталар»ни сўкиб-қарғашни ўзига вазифа қилиб олди, Биби-Даҳбоши ўлгунича ёлғиз ҳалиги «катталар»гина эмас, шаҳарнинг бошқа «катталари» ҳам у кўчадан ўта олмайдиган бўлдилар.

XV

Қори-Ишкамба мирза Абдулладан еган зарбасидан бир неча ой ўтгандан кейин аслига қайта бошлади, энди кўчаларда жинниларча қийғос солмасди, энди ҳар кимга дуч келса, мўътадил вазиятда мирза Абдулла воқеасини унга ҳикоя қилиб берганидан кейин, совуққонлик билан дер эди:
— Ҳар нима бўлса ҳам, ўтди-кетди. Одам боласининг бошига ҳар қандай оғирлик ва мусибат келса ҳам ўтади.
У жиннилик ҳолатини ўтказган эди, аммо баданининг гўшт ва ёғи аввалги ҳолатига келмади, башараси  буришиб кетган, туси ҳам кулга ўхшаб, оқчил бўлган ва соқоли оқара бошлаган эди.

* * *

Биринчи жаҳон уруши бошланди, бошқа савдогарлар, ҳаннотлар  ва судхўрлар қаторида Қори-Ишкамбанинг иши ҳам ўнгидан келди ва пулининг бозори қизиб кетди.
Савдогар, жаллоб ва ҳаннотлар бугун бир нарсани сотиб олсалар, эртаси куни у нарсани икки баҳосига сотардилар, шунинг учун улар ўз сармояларидан келадиган фойдага қаноатланмай, судхўрлар орқасидан югурар ва қанча процент тўлаб бўлса ҳам, қарзга пул олар ва у пул билан бозорбоп ва камчил нарсаларни харид қилиб, омборга тиқардилар.
Бундай вақтларда ҳаннотларнинг чўнтак ва кўзларини тўлдира оладиган серпул судхўр Қори-Ишкамба эди. Албатта, у бундай олди-бердидан ўзининг чўнтак ва кассасини ҳам яхшигина тўлдирарди.
Урушнинг иккинчи йилида Қори-Ишкамбанинг юзи мирза Абдулла воқеасидан илгаригисидай қизарди, жуссаси тўлишди, қорни аввалгидан ҳам катта бўлиб кетди, пули ҳам икки миллиондан ошди, шуидай бўлса ҳам, у мирза Абдулла воқеасини ҳали ҳам унутмаганди, у кунда неча марта мирза Абдуллани сўкар-қарғарди.
Урушнинг учинчи йили бўлган 1916 йилда меҳнаткашлар шу даражада таландиларки, кундалик овқат учун бир бурда қотган нон топишлари амри маҳол бўлиб қолди, бунинг муқобилига , ҳаннотлар шу қадар серпул ва сермол бўлиб кетдиларки, молларини сақлаш учун жой ва пулларига сотиб олиш учун мол тополмасдилар. Москвачи савдогарлар бўлсалар, олтин ва бриллиантлар билан ўйнардилар. Бундай шароитда ҳаннот ва савдогарлар судхўрдан пул қарз олишга муҳтож бўлмасдилар. Шунинг учун урушнинг учинчи йиллари Қори-Ишкамбанинг бозори сусайди, у ҳамма пулларини банкларга қўйишга ва оз процентга қаноат қилишга мажбур бўлди.
Икки миллион пулдан банк ҳисобида ҳам катта процент унарди. Лекин бу Қори-Ишкамбанинг кўзини тўйдира олмасди, унинг пули қаича кўпайган бўлса, фойда томонига тикилган кўзи ҳам ўшанча кенгайганди, унинг кўнгли ундай катта маблағ учун илгаригидай йилда йигирма беш-ўттиз процент фойда олишни тиларди, лекин бу унга муяссар бўлмасди, унинг ўз сўзи билан айтганда, «у кунларни сел олиб кетган» эди.
Бунинг устига у 1916 йили ўзининг ейдиган овқатини ҳам тежай бошлаган эди. Чунки ундан қарз олишга муҳтож бўлмаган бойлар ва ҳаннотлар уни ўз дастурхонлари бошига йўлатмасдилар. Унинг пулини ишлатадиган банклар бўлса, кунда соат ўнда унга тўйганича чой ичирар ва бошқа нарса бермасди.
Урушнинг учинчи йилида  у ўз ҳужрасида турадиган муллабаччаларнинг ошларига ва баъзан тўғри келадиган тўйлар ва худойиларга, мозор бошиларда учрайдиган чалпак ва бўғирсоқларга «қаноат қилишга» мажбур бўлганди. Шунинг учун у этидан туша берди, туси ҳам бир оз сарғайди. Ориқлаганининг сабабини сўраганларида:
«Мен авваллар ҳар кеча-кундузда неча бор қази-қўзи, кабоб, палов, чалов, манти ва чучваралар каби овқатлар ердим. Энди у «меҳмондўст» хонадонлардан барака учди, қўй, эчки, қорлмоллар ҳам овқатлари камайса ориқлайдилар, нима, мен улардан камми?» — дер эди.
«Пулингиз кўп, анча қариб ҳам қолдингиз, нега ўз пулингизга ўз уйингизда кўнглингиз тусайдиган лазиз таомлар пиширтириб емайсиз?» — деганларга ўша вақтларда Бухоро шоирларидан бирининг судхўрлар шаънига айтган бир байтини эслатиб:
«Агар шиша тошни, атала тишни синдира олсайди, судхўр ҳам ўз уйида, ўз пулига нон олиб синдира оларди», — деб жавоб берарди.
Кейин банкка миннатдорчилик билдириб кетарди:
«Худо хайрини берсин, яхшиям банк бор экан, кунда тушлик чой вақтида етиб борганимда, у ердагилар мендан чой билан қандни аямайдилар, стаканга истаганимча қанд солиб, чой қуйиб ича бераман. Қанча кўп ичсам директорга малол келмайди, ҳатто унинг, вақти чоғ бўлиб кулади...».

* * *

Бухоро шутқори (ҳазилманд)лари ҳам Қори-Ишкамбанинг ўз таъбирича, «ўринсиз ҳазиллар» билан уни ишдан чиқараёздилар.
Бу шутқорилар Қори-Ишкамбанинг ўз пулларини қайси банкка қўйганини эшитсалар, улардан бири жонкуярлик вазиятида олдига келиб, қулоғига айтар эди:
«Қори амаки, эшитдингизми, «Соединённий банк»нинг иши чаппасига кетибди, унинг катта маблағи Герман аскарларининг қўлига тушган, «эрта-индин синади» дейдилар. Ҳар қалай, сиз ўз ишингизда эҳтиёт бўлинг».
Қори-Ишкамба бу хабарни эшитиб дарров «Соединённий банк»ка қараб югурар, ундан ўз пулини олиб, «Руссо-Китайский (Азиатский) банк»ка топширарди.
Албатта Қори-Ишкамбанинг ўз пулини «Соединённий банк»дан олиб «Руссо-Китайский банк»ка топширгани шутқорилардан махфий қолмасди. Улардан бошқа бириси яна Қори-Ишкамбанинг олдига келиб, тунов кун йўлдоши «Соединённий банк» ҳақида айтган гапларни, «Руссо-Китайский банк» ҳақида ҳам айтарди. Яна шўринг қурғур Қори-Ишкамба ўз пулини у банкдан олиб, бошқа бирон банкка топширишга мажбур бўларди.
Унинг дўстлари: «Пулингизни подшоҳлик банкига қўйинг, император давлати омон экан пулингиз ҳам омонда бўлади», деб маслаҳат берсалар ҳам унамасди.
«Подшоҳлик банки бошқа банкларга қараганда процентни оз беради», — дер эди.
Кунда пул қўйиб эртасига (баъзи вақт ўша куннинг ўзидаёқ) қайтариб олишдан банклар безор бўлиб, унинг пулини қабул қилмайдиган бўлдилар. Ундан кейин у ўз пулини подшоҳлик банкига топширишга мажбур бўлди.
Орадан кўп вақт ўтмайин подшоҳлик банки тўғрисида ҳам синиш (банкрот) овозларини чиқара бошладилар, ҳар вақт газеталарда император аскарининг мағлубият хабари ёзилса, шутқорилар у хабарларни икки-уч баробар ошириб, Қори-Ишкамбага етказадилар ва подшохлик банкидан кўз қулоқ бўлишга, мабодо синиб қолса, унинг «қон ютиб тўплаган пуллари» «куйиб қолиши» мумкин деб маслаҳат берардилар.
Аммо у қандай эҳтиёт қила оларди, агар банк синса ҳам, унинг қандай иложи бор? Пулни бўлса ўғрилар хавфидан уйга, ё саройга қўйиш мумкин эмас.
Қори-Ишкамба бора-бора шутқориларнинг ҳазилини, бирни ўн қилиб орттириб айтишликларини сезди. Илгарилар газета ўқиладиган жойлардан қочадиган бўлса ҳам, энди тўғри хабарларни билиб олиш учун  газетхонлардан уруш хабарларини сўрайдиган бўлди.
Газетхонларнинг оғзаки айтиб берадиган хабарларидан ҳам шубҳада қолди. Шунинг учун газетани бировга ўқиттириб эшитиб, ўзи муҳокама қиладиган бўлди.
Бора-бора газеталарда мағлубият хабарлари шу қадар кўпайдики, унинг ваҳимага тушиши учун, шутқориларнинг хабарларни орттириб айтишларига ва ҳазилларига ҳеч бир эҳтиёж қолмади.
Қаттиқ ваҳимага тушган Қори-Ишкамба ўз муҳокамаси билан ҳеч нарса чиқара олмагач, подшоҳлик банкининг директори олдига бориб, маслаҳат сўради:
— Газеталарда жуда ёмон хабарлар чиқаётир. Худо кўрсатмасин, агар император ҳазратларига ёмон кўз тегиб қолса, банк нима бўлади, биз нима қиламиз?
— Туркча, татарча ва умуман мусулмонча газеталар, — деди директор, — император ҳазратларига душмандирлар, шунинг учун император аскарлари тўғрисида ёлғон хабарлар босиб тарқатадилар, русча газеталардан ҳам баъзилари революционерларнинг газеталари бўлиб, улар ҳам ул «олижаноб» ҳақларига тил тегизиб ёзадилар. Сиз унақа газеталарнинг гапларига ишонманг! Ҳар кун эрта билан менинг олдимга келинг. Мен император ҳазратларига содиқ бўлган газеталарни ўқиб, «рост хабарлар»ни сизга айтиб тураман.
— Революционерлар ким? — деб сўради Қори-Ишкамба ўзига нотаниш одамларга адоват оҳанги билан.
— Революционерлар «подшоҳ керакмас, подшоҳсиз ҳукумат қурамиз», деб юрган бузуқ ниятли одамлар.
— Эҳ! — деди Қори-Ишкамба қути ўчиб, — император бекор қилинса менинг пулим нима бўлади?
— Қўрқманг! — деди директор юпатиш оҳанги билан, — император ҳазратларига ҳеч нарса бўлмайди.
Қори-Ишкамба директорнинг кейинги сўзи билан бир оз тинчланган бўлса ҳам, банкнинг саломатлигига ва бу восита билан ўз пулининг саломат қолишига сабаб бўлган императорни бекор қилиш ниятида юрган революционерлардан бир қўрқинч ҳис қилмоққа бошлади.
 Бу суҳбатдан кейин, Қори-Ишкамба кунда тушлик чойдан илгарироқ директорнинг олдига кирар, директор «инобатли» газеталарни ўқиб унга эшиттирар ва «рост» хабарларни таржима қилиб берар эди.
Қори-Ишкамба бундай «хушхабарлар»ни эшитгач:
— Иншоолло, императори аъзам ҳазратларига ҳеч бир зиён-заҳмат йўқ. Душманларнинг кўзлари кўр бўлсин, тиллари кесилсин, — деб банкнинг буфетига ўтар, стакан сиғдира олганича қанд жойлаб, чой қуйиб ичар ва тинч кўнгил билан кўчага чиқиб, днректордан эшитган гапларини бирини ўн қилиб одамларга айтар эди.

* * *

Февраль революцияси бўлди. Қори-Ишкамба қўрқадиган ҳодиса бир ҳақиқат бўлиб, унинг бошига тушди — подшоҳ тахтдан қувилди. У таажжуб билан ўзининг «императори лъзам ҳақида» қилган дуоларйнинг беасар қолганини ўз кўзи билаи кўрди. Подшоҳиинг тахтдан ағдарилганини энди банкнинг директори ҳам инкор қилмасди. Лекин, у энди Қори-Ишкамбани юпатиб турмасди:
— Императори, аъзам ҳазратлари бекор бўлган бўлсалар ҳам, зарари йўқ. Ҳукумат бошида ўтирган одамларнинг ҳаммалари бизнинг банкларнинг катталаридирлар. Улар бизнинг банкнинг синишига ва сиз каби банкирларни содиқ кишилари бўлган одамларнинг пулларининг куйишига йўл қўймайдилар. Ажаб эмас, Николай ҳазратларининг ўринларига у кишининг амакилари — Великий князни подшоҳ кўтарсалар... — дерди.
Лекин Қори-Ишкамба энди бундай юпатишлар билан унча тинчий олмасди, чунки у ўзини кўп вақтдан бери қўрқитиб келган революционерлар деб аталган одамларнинг бу ишларни қилаётганларини кунда неча бор ишончли одамлардан эшитарди. «Оёқ яланг мужик»лар катта ер эгаларининг ерларини, ҳовли ва деҳқончилик асбобларини босиб олаётирлар, заводларда, фабрикаларда ишчилар ўз комитетларини ташкил қилиб, хўжайинларини мепсимай бошлаганларини эшитарди.
«Улар бир кун заводлар сизники эмас, бизники», деб хўжайинларни қувиб юборсалар-а.
«Шундай бўлгандан кейин, — дер эди Қори-Ишкамба ўз-ўзига, — нақд пул билан тўлпб-тошган банкларни пулдорлар қўлида қолдирармиканлар? Агар банкларни ҳам босиб олсалар, бошқа пуллар қаторида менинг пулларим ҳам қўлимдан кетади. Энди нима қилиш керак»!
Қори-Ишкамба ўзига-ўзи берган бу кейинги саволга жавоб тополмай қон ютарди. У ўғрилар хавфидан пулларини уйида ёки саройда сақлай олмасди. Бошқа одамлар ундан қарзга пул сўрамасдилар. Агар пулларини элтиб амир ҳукуматига омонат топширса, у очиқдан-очиқ унинг пулини еб кетар эди. Бундай ҳолатдаа «болта келгунича, кунда дам олар» деб ўз пулларини банкка қўйишдан бошқа чораси йўқ эди.

XVI

Қори-Ишкамба 1917 йилнинг кузида «Большевиклар ҳукуматни ўз қўлига олган эмиш», деган хабарни эшитди. У бу хабарни эшитгач «большевиклар?» деб ўйлади. Илгари у бундай номни эшитмаган эди. У  банк директоридан қандайдир «...князь деган кишини,? ажаб эмаски, подшоҳ қилиб кўтарсалар», деб эшитган эди. Лекин бу у номга ўхшамас эди, ёинки қарилиги сабабли у директор айтган номини унутганми, бу ўша номнинг ўзими?..
У бу номнинг ва бу гапнинг таги-тубини билиб олмоқчи бўлиб, банкка жўнади. Мақсади — дунёда «ягона ростгўй» бўлган директории кўриб ундан сўраш эди.
Аммо бу банкка етиб боргунча соат учдан ошган банк ёпилган, унинг ходимлари директор билан бирга кассаларини кўтариб Когонга жўнаган эдилар.
У банкнинг эшиги олдида ёлғиз банкнинг тилмочига дуч келди, тилмоч ҳам портфелини кўтариб, ўз уйига кетаётир эди. Тилмоч, Бухоро шутқориларидан бир эди, шунинг учун Қори-Ишкамба ундан гап сўраш истамади. «Бу шум рост-ёлғон гапларни гапириб, кўнглимни қора қилиб қўяр», деб ўйлади. Аммо бир оз ўйлаб тургандан кейин «ёмон айтмагунча яхши келмас деганлар, деди ўз-ўзига, у ёмон гапларни айтаверсин, зарари йўқ, худодан у ёмонларни яхшига айлантиришни сўрайман».
Қори-Ишкамба шу қарорга келгач, кейин тилмочдан:
— «Русия ҳукуматининг бошига большевиклар келган», дейдилар. Бу хабар ростми, ёлғонми? — деб сўради.
— Рост! — деб жавоб берди тилмоч. Қори-Ишкамба қувонч билан яна сўради:
— Бу директорингиз «эҳтимол подшоҳ бўлса» деган ўша «вел» ёки «век» ёинки «велка князь» (сабил қолгур исминиэсимдан чиқарибман) эмасмикан?
— Йў-ў-ў-қ! — деди тилмоч чўзиб, — большевиклар князларнинг оёғини осмондан келтирдилар.
Қори-Ишкамба бу гапни эшитиш билан
— Хўп, ҳазилни бир фасл бир томонга қўйиб туриб, ростини айтинг, большевик неча ойлардан бери бош кўтариб дунёни безовта қилган. Николай ҳазратларидай улуғ ва кучли бнр подшоҳни тахтдан туширган революционерлардап яхшироқ эмасми? Ва у биздек емай-ичмай, рост айтиб, ёлғон айтиб, беш пул-ўн пул тўплаганларнинг ҳолига раҳм киплмасмикан? деб сўради сесканиб кетиб.
Тилмоч бир оз ўйлаб тургач гапга киришди.
— Сиз бу кунгача қўрқиб юрган революционерларнинг ишлари ишнинг бошланғичи эди, бу фурсатдан фойдаланган сиз каби одамлар аввалгидай уч миллион пулни банкка қўйиб, йилда бир юз эллик-икки юз эллик сўм процент олиб, ишламай-нетмай қоринларини қашиб юрадилар. Баъзи бир текинхўрлар бугун бир нарсани бир сўмга олиб, эртага ўн сўмга сотиб, меҳнаткашларнинг қонларини ичишни давом эттирадилар. Энди ҳукумат большевикларнинг раҳбарлиги остида ишчи-деҳқон қўлига ўтди, энди сиз каби текинхўрларнинг куни битди. Энди ўтган кунларни тушингизда кўрасиз.
Қори-Ишкамбанинг ранги-қути ўчди, аъзойи бадани титрай бошлади, ўзини тутолмай орқаси билан деворга суяниб бир оз жим тургач, ўзини юпатиш йўли билан деди:
Хайр, менинг пулим кассасида бўлган сизнинг банк ҳозирча соғ, тинч-ку. «Илдизи сувда бўлган дарахтдан мева умид қилиш мумкин», дегаплар. Ҳали бошимга келмаган ўлимдан бу қадар қўрқиб, кунда неча марта ўлиб, нега ўзимни мунча азоблай?
— Сизнинг «дарахтингизнинг илдизи сувда эмас»,— деди тилмоч, Қори-Ишкамбанинг юрагиии ёрарлик бир оҳанг билан, — Петроград, Москва ва бошқа катта шаҳарлардаги банкларни қўлга олдилар, фабрика-заводларни олдилар, конларни олдилар, бутун мамлакатдаги поездларни олдилар, дарёлардаги пароходларни олдилар, бутун мамлакатдаги ерлар, деҳқончилик асбоблари билан бирга ўзи ишловчи деҳқонларники деб декрет чиқардилар... Бас, бу ҳолда сизнинг «дарахтингизнинг илдизи» қандай қилиб сувда бўлади? Илдизингиз сувда эмас, ўтда! Илдизингиз ёнмоқда, балки ёниб кул бўлди. Уй пойдеворидан бузилаётир, аммо сиз «томи ҳали тузук» деб, ўзингизни юпатмоқчисиз...
Қори-Ишкамба ўзича «тилмоч навбатдаги ҳазилларини бошлади, у ҳали келмаган ажал билан мени ўлдирмоқчи. Бўлмаса «Большевик» номли бир кишининг чиқиб шу қадар ишларни қила олиши мумкинми?». У  шундай мулоҳазалар билан ғазабланиб тилмочга деди:
— Йўқол кўздан! Илохи тилгинанг кесилсин! Қараб тур! Эрта сени нима қиламан? Агар директорга айтиб сени банк хизматидан қувлатмасам, одам эмасман.
Тилмоч кула-кула ўз йўлига кетди. Қори-Ишкамба деворга суяб қўйилган жонсиз ҳайкалдай бўлиб қолди.
«Энди бу ерда туриш фойдасиз, директор кассасини кўтариб Когонга кетган, ». Шундай мулоҳазалар билан Қори-Ишкамба ҳам ўз уйига йўналди.
У йўлда шошилиб қадам ташлар эди, яна бир шутқорига дуч келиб ундан ҳам жон олувчи шум хабарларни эшитиб, ҳали келмаган ажал билан ўлиш ва жонидан ҳам азизроқ пулларидан ажралишдан қўрқарди.

* * *

Қори-Ишкамба у кеча ҳеч ухлай олмади. Тонг қоронғиси билан туриб, таҳорат қилди, хотинлари хатмй қуръон қилган кундан бери қўлига олмаган қуръонни токчадан олиб, бир-икки оят ўқиб, «императори муаззам» ҳақига дуо қилди, қайтадан тахтга келишини тилади.
Тонг ота бошлади. Қори-Ишкамба уйидан чиқиб,  кундалик одати бўйича «Мағоқ» мачитига борди, унда  бомдод намозини жамоат билан ўқиди. Лекин у кундалик одатини бузиб, эрта намоздан кейин, у ерда бўладиган маснавийхонлик мажлисига қолмади ва намозни ўқиб бўлгач, мачитдан чиқиб, тўғри Бухоро пассажида бўлган подшоҳлик банкининг биноси олдига борди ва у ердаги тош ва цемент билан ясалган супачада ўтирди.
Ҳали банкнинг очилишига икки соат вақт бор эди,  шундай бўлса ҳам, Қори-Ишкамба тезроқ директорни кўриб, ундан хабарларни аниқ англаб олмоқчи ва император давлатига душман бўлган «шум хабар» тилмочни чақиб, банкдан қувдирмоқчи бўлиб, кута бошлади.
Соат саккиз бўлди, аммо Қогондан бирон киши келмади. Тўққиз бўлди, ҳали хам банк ходимларидан дарак йўқ. Соат ўн бўлди  ҳеч гап йўқ, ҳатто кунда эрта билан келиб банк биноси ичини супуриб-сидирувчи хизматчи ҳам шу вақтгача келмади.
Қори-Ишкамбанинг юраги сиқила бошлади. У қанча вақтдаи бери гўшти қочиб, териси суякларига ёпишиб қолган кўксини шишиб бораётгандай сезар эди, унинг бошига «кўкрагим шишиб ёрилар ва у ердан юрак ва ўпкаларим чиқиб ерга тўкилар», деган ҳаёл келди. У ёрилишдан сақлаб қолмоқчи бўлиб икки қўли билан кўкрагини босди. Лекин у ернинг шишиши босилмас эди, балки тобора қабариб кўтарилмоқда эди.
Соат ўн бир бўлди, лекин ҳеч киши келмади. Энди у ўз-ўзига айтарди: «Уша шум хабар» тилмоч келса ҳам майли эди. Ёлғон бўлсин, ҳазил бўлсин, ҳар нима-бўлса бўлсин, бирон гап айтардн. Бундай, ичига ўт тушган сомондай тутагандан кўра ёнғинда қолган керосиндай бирдан алангаланиб ёниб, йўқ бўлиш яхшироқ». Бахтга қарши, тилмоч ҳам келмади.
Қори-Ишкамбанинг юраги тартибсиз урарди, гоҳо ҳаракатдан қолаёзиш даражасигача сусайиб кетарди.
Унинг нафас олиш йўли тобора тораярди, бир вақт шу даражага етдики, у ерга йиқилаёзди. У нафас йўлини бир оз кенгайтириш умиди билан тикка турди, лекин боши айланиб кўзининг олди қоронғиланди, у деворга суяниб, ўзини йиқилишдан зўрға сақлаб қолди.
Чўзиб-чўзиб бир-икки оғир нафас олди, нафас йўли бир оз кенгайди. У қўйи чўнтагидан соатини чиқариб-қаради, соат ўн иккига яқинлашган эди.
У ўз соатига ишонгиси келмади, «эҳтимол, соатим бузилиб, илгари кетган бўлса», деб ўзини юпатди ва бу тахминни тасдиқлаттириш учун бир йўловчидан сўради:
— Соат неча бўлди экан?
У одам юришини секинлаштириб соатига қараб:
— Соат ўн икки! — деб ўз йўлига кета берди. Қори-Ишкамбанинг кўнглига ўзига ёқарлик яна бир «эҳтимол» келди: «Директор балки касал бўлгандир ёки отига бирон офат теккандир, ёйинки фойтуни сингандир. Шунинг учун банк бу кун очилмагандир.»
«Хўп, — деди Қори-Ишкамба ўз-ўзига, — менинг ҳар бир умидимга қарши соатнинг ўн икки бўлганлиги, директор ва банк ходимларининг шу вақтгача келмаганликлари ҳақиқат. Пешин намози ва Девонбеги  хонақоҳиси саҳнига келтириладиган жанозаларнинг вақти ҳам бўлди. Энди бу ерда кутиб ўтиришнинг фойдаси йўқ, балки зарари бор, чунки, бу ерда бундан ортиқ қолсам «худойи» жанозаларнинг «йиртиш»идан маҳрум қоламан, фойдасиз бир жойда туриб, фойдани қўлдан бериш ақлсизларнинг иши. Ҳали ҳам менга анча зарар бўлди: бу ерда ўтириб, ижарачимнинг паловидан қолдим.»
Қори-Ишкамба шундай муҳокама қилганидан кейин, пассажнинг цементланган йўлаги билан Девонбеги хонақоҳи томонига қараб йўналди.
У бир неча қадам босгандан кейин йўлда тўхтаб ўйлади: «Катта йўлдан борсам яхшироқ. Чунки у йўлда Когондан келаётган банк ходимларига дуч келсам, ажаб эмас. Улардан бир он хушхабар эшитиб, кўнглим тинчиб хонақоҳга бораман, намоз учун кўнгил тинчлиги шарт».
Қори-Ишкамба шундай мулоҳазалар билан бораётган йўлидан қайтди ва пассажнинг жануб томонида баззозлик растасига тушди, бу кўча Когондан келадиганларнинг йўли эди. У шарқ томонга, Девонбеги Ҳовузи томонига қараб йўналди.
У ҳар қадам босганда қаршисидан келаётганларн бирма-бир кўздан кечирарди. Кўча от-арава, фойту эшак ва пиёдалар билан тўла эди, лекин улар орасида пул халталари юкланиб, устига банк ходимлари яроқли соқчилар минган уч отлиқ узун арава кўринмасди.
Қори-Ишкамба Девонбеги ҳовузи ва хонақоҳнинг ғарби-жанубидаги биринчи кириш йўл рўпарасида бўлган дорихона биноси олдигача борди, у ерда тўхтаб яна бир марта (эҳтимол юзинчи марта бўлса) шу томонга, Когон йўли бўлган совун бозор томонига қаради, аммо келувчилар орасида у истаган кишилар кўринмади.
Бу ерда усти ёпиқ раста тугаб, ундан у ёғида йўлаксиз, лой йўл бошланарди. Қори-Ишкамба бу ердан Лаби ҳовузи Девонбегининг кириш йўли томонига бурилмади, «охирги — ҳовузнинг шарқи-жанубидаги кириш йўлигача борай, қани мақсадимга етиша оламанми?» деб лой йўл билан шарқ томонга йўналди.
У ҳар қадамда кавуш-маҳсиси лойга ботар, оёғини кўтарганида, кавуш ботқоқда қоларди, у ерга эгилиб, кавушини қўли билан лойдан тортар ва уни кийиб, яна олдинга қараб қадам босарди.
Шу ҳол билап йиқила-сурила совун бозори кўчаси бошигача борди. У ерда Лаби ҳовузи Девонбегига кирадиган йўлнинг сўнггиси бўлиб, беда бозори кўринарди.
Қори-Ишкамба у ерда туриб, яна бир марта Когон томонидан келаётганларни кўздан кечиради, яна банк ходимларидан бирон кишини кўролмади. Энди умидини бутунлай узиб, ҳовуз томонига бурилмоқчи бўлганида, узоқдан бир узун арава келаётганини кўрди. У арава кела туриб, бир-бировларига тўқнашиб, йўлни банд қилиб қолган араваларга тиралиб қолди.
Қори-Ишкамба у узун аравани кўргач, қувончидан юрагр ёрила ёзди: аравага қўшилган отлар худди банкнинг аравасига қўшиладиган отлардай қора ва катта эди. Фақат шугнна фарқ бор эдики, банк аравасига уч от қўшиларди, аммо бу аравага эса икки от қўшилганди. «Ажаб эмаски, бир отнинг остига ем тушган ёки бошқа бирон нарса бўлиб унга дам берган ва бугун икки от қўшиб келган бўлсалар», — деди ўз-ўзига.
Аммо араванинг узунлиги, узоқдан аранг кўринадиган устидаги юки банкникидан фарқсиз эди.
Лекин, у арава тездан етиб келолмасди, Қори-Ишкамба бўлса, унинг устидаги банк ходимларини кўриб ва улардан гап сўраб, кўнглини тинчлатиришга шошиларди. «Кўча қолиби» аталган Бухоронинг икки ғилдиракли сербар баланд юк аравалари унга йўл бермасдилар. Бу аравалар бир-бировлари билан дуч келган, йўлнинг торлигидан ва араваларнинг кепглигидан биров арава рўпарасидан келган араванинг ёнидан ўтиб кета олмас, ўжар аравакашларнинг ҳеч бири у бирисига йўл қўйиб, ўз аравасини кейин тислатмасди. Шунинг учун араваларнинг орқасига тиралган узун арава ҳам тўхтаб туришга мажбур бўлган эди.
Қори-Ишкамба пиёда бориб узун араванй кўрмоқчи ва унга минганлардан «хушхабарлар»ни эшитмоқчи бўлса ҳам, беда бозорининг лойи уни бир қадам олдии, боришга қўймади, У ҳам узун аравадай, «кўча қолибилари»нинг бир ёқли бўлишини кутишга мажбур бўлди оқибат «кушойиш» бўлди, олдинда бораётган аравакашлар қаршиларидан келаётган аравакашлардан мағлуб бўлиб, ўз араваларини тислантиришга мажбур бўлдилар ва қаршидан кёлаётган аравалар бирма-бир келиб, Қори-Ишкамбанинг олдидан ўта бердилар.
Энг охирида узун арава ҳам келди. Лекин унинг бутун орзу ва умидларига қарши, бу арава банкнинг араваси бўлиб чиқмади, унинг устидаги юк ҳам пул жойланган халталар ва унда ўтирган одамлар ҳам банк ходимлари ва қуролли соқчилар эмасдилар, балки бу арава Бухоро касалхонасининг араваси бўлиб, унинг устидаги юк — тиббий текширишлар учун касалхонага олиб борилаётган ва тўсатдан кўчада ўлиб қолган бировнинг ўлиги ва аравада ўтирганлар эса касалхона ходимлари эди.
Бу ҳолни кўрган Қори-Ишкамба ихтиёрсиз, ёшлигида ёдлаб олган «Менинг жонимга, менинг кўзимга сен шундай жойлашиб олгансанки, узоқдан ҳар бир нарса кўзимга кўринса «сен» деб ўйлайман» — деган мазмундаги Жомийнинг бир байтини ўқиди ва чап томонга бу-рилиб, Лаби ҳовузи Девонбегига кириб кетди.
У ҳовуз олдига бориб лойга белашган қўл-оёқ, кавуш ва маҳсисини ювганидан кейин, хонақоҳнииг саҳнига чиқди. Хонақоҳнинг ичи-тиши намозхонлар билан тўлган эди. Саҳндагилар ўз жойнамозлари устида ўтирардилар, ҳамма азонни кутмоқда эди.
Хонақоҳнинг жануб томонидаги саҳннинг тўрида учта тобут кўринарди, у тобутларнинг бири тевараги сурп, иккинчисига  айниган эски ва паст заррин ва учинчисига янги ва аъло сифат қизил кимхоб тортилган эди.
Қори-Ишкамба бир оз қувонди ва «Илоҳи бу бутларнинг ҳаммасини бир қабристонга олиб борсинлар, токи мен ҳар учаласидан уч йиртиш олиб, бу кун мажбуран маҳрум бўлганим ҳужрамда ўтирадиган мулаваччанинг оши ўрнини қоплай олай», деб кўнглидан ўтказди. Сўнгра бир оз ўйлаб: «Агар ҳеч бўлмаганда, иккаласини бир мозорга олиб борсалар ҳам майли эди, у вақтда икки йиртиш олар эдим, агар бу тобутларни бошқа-бошқа қабристонга олиб борсалар, нима қилишим ва қайсисининг орқасидан эргашиб боришим керак?» деб ўз-ўзига савол берди ва бу сўроқнинг жаво-бига «албатта теварагига қизил кимхоб тортилган тобутнинг орқасидан боришим керак!» деб узил-кесил қарорга келди ва бу қарорга далил қилиб ўз-ўзига айтди: «Бу тобутдаги ўликнинг ёш ва бой хонадондан бўлганлиги унинг теварагига ёиилган аъло сифат кимхобдан маълум. Ёшликда ўлган кишининг қариндошлари «бу дунёда ҳсч нарса курмай кетди, деб тузукроқ йиртиш берадилар, бойлар ҳам ўзларини камбағаллардан юқорироқ тутиш учун йиртишларини каттароқ берадилар, аммо ҳам ёш ва ҳам бой хонадондан бўлган ўликнинг йиртиши жуда ҳам ёғлик бўлади».
Қори-Ишкамба шундай мулоҳазалар билан ўз йўлини белгилагандан кейин, намоз учун саф тортиб ўтирганлар орасига кириб кетди ва орада бировнинг жойнамозидан бир одам сиғарлик жой топиб, чўккалаб ўтирди.
Кўп вақт кутишга тўғри келмади: сўфи пешин намози учун азон айтди. Одамлар туриб, намоз ўқишга киришдилар. Қори-Ишкамба ҳам ўрнидан туриб намозга киришмоқчи бўлиб, қиблага қараб икки қўлини кўтарди.
Шу вақтда паканагина, бир одам орқасидаги сафдан бир қадам олдин босди, ўнг томонидан унга яқинлашди ва унинг қулоғи тубида пичирлади.
— Қори амаки!
Қори-Ишкамба икки бош бармоғининг учини қулоғининг юмшоқ жойига ёпиштиргани ҳолда овоз келган ўнг томонига бошини бир оз қайириб, гапирувчи пакана одамга қаратиб, бир оз эгилиб, унга қулоқ солди. Пакана одам сўзини давом эттириб:
— Эшитдингизми? — деб сўради.
— Нимани?
— Большевиклар Қогонда қўзғолон кўтариб, банкни, бутун қоғоз ақчаларни,олтин, кумуш пул ва бошқа қимматли ашёларни қўлга олиб, халқники деб эълон қилганлар.
Қори-Ишкамба бу хабарни эшитгач:
— Оҳ!.. Большевик! — деб бир ёни билан ўша гапирувчига қулоқ солиб турган вазиятда ерга йиқилди.
Бу хабарни Қори-Ишкамбага етказган киши бир қадам орқага босиб, намоз ўқишга киришди, бошқа одамлар бу ҳодисага эътибор бермадилар ва намозларини бузмадилар.
Аммо намоз ўқилиб бўлгандан кейин, Қори-Ишкамба теварагида тўпланган одамлар кўрдиларки, саҳнга унинг оғзидан қон ва йиринг оқиб, юзи ва чаккасининг тошга урилган жойи бир оз кўкарган, бош бармоғининг учи қулоғининг юмшок ерига ёпишганча қўли қотиб қолган.
У ўлган эди!

Qayd etilgan