Xurshid Do'stmuhammad. Kuza... (qissa)  ( 8746 marta o'qilgan) Chop etish

1 B


Ansora  23 Avgust 2010, 12:42:48

Xurshid Do'stmuhammad. Kuza... (qissa)



Muallif: Xurshid Do'stmuhammad
Hajmi: 272 Kb
Fayl tipi: pdf, zip
Saqlab olish
Online o'qish

Qayd etilgan


Ansora  23 Avgust 2010, 12:43:33

Хуршид ДЎСТМУҲАММАД

КУЗА...


Қисса

«Шарқ юлдузи» журнали
2010 йил, 1-сон



...замонавий инсон кузатилувчи инсондир...
        Ф. Дюрренматт

Умиднинг қўл телефони шивирлаб гапирган одамнинг овозидек эшитилар-эшитилмас «тринг»лади.
– Қаердасан? – дея сўроққа тута кетди Фарҳод.
– Устоздан хабар олмоқчиман...
– Азиз бугун тунда юртига жўнайди-я, эсингдами?
– Эсимда.
– Кечқурунга ваъдалашганмиз-а?
– Ўзи билан гаплашдингми?
– Кеча гаплашдим. Кечикмай келинглар деди. Эртароқ борсак, кетар жафосида би-ир ёнбошлаб отамлашар...
Умид дўстининг гапини бўлди:
– Нима қиламиз эртароқ бориб, Фарҳод? Ўзиниям иши бошидан ошиб ётгандир! Ваъдалашган вақтида борсак ҳам бўлар.

Хаш-паш дегунча бир ой ҳам ўтиб кетди! Уч оғайни ҳарчанд уринмасин, Фарҳоднинг уйидаги тонготар ҳангамадан сўнг бир-икки дафъа бирров-бирров дийдорлашувни ҳисобга олмаганда, Фарҳод айтмоқчи, ёнбошлаб отамлашишнинг иложи топилмади. Азизнинг гап-сўзига қарасанг анча вазминлашган, сермулоҳаза ёши улуғ кишилар нуқси уриб қолибди, лекин разм солиб қараган одам ундаги ички беҳаловатликни, қандайдир ўзи ҳам англаб етмаган аллақандай мақсадга интилаётганини, кўзлаётган муддаосининг қанчалик аниқ-равшанлигини эса ўзи ҳам дурустроқ англамаслигини яққол сезарди. Уни ундай деса, Умид билан Фарҳоднинг ҳам бемалол қолган кунлари бўлмади ҳисоб. Бир ойлик ғанимат кунларни шу тахлит ўтказган қиёматли уч оғайни бугун жўнаб кетар жафосида отамлашиб ўтира олишига Умиднинг кўзи етмади. Буниси оздек, ўзи игнанинг устида ўтиргандек безовта, ҳардамхаёл... кун пешиндан оғди, Устоздан бирров хабар олса-ю, ғизиллаб уйига қайтса, уйида хотиржамлик бўлса, сўнг Азизникига бориш чорасини кўрса...

Устознинг хўп аломат феъли бор. Ўзи кимсан фалончи фалончиевич, номдор, қаттиққўл, талабчан раҳбару, унда-бунда ўйлаб топадиган хурмача қилиқлари, инсоф билан айтганда, қуюшқонни ошириб-тошириб юборади. Аломатлиги шундаки, беўхшовдан-беўхшов қилиқларидан хижолат чекмайди ҳам, устига-устак, «Ҳазилимни «зил»ини топ, ақлинг киради» деб одамни ҳоли-жонига қўймаслиги ошиб тушади.

Умиднинг назарида Устознинг шу алфоз ётиши ҳам гоҳо ҳазилга ўхшаб кетар, ҳализамон у киши ирғиб ўрнидан туриб чопқиллаб қоладигандек, устоз – шогирдлик ришталари ниш бера бошлаган жойидан гуркираб давом этадигандек туюлади. Фақат кейинги икки кунги аҳволни ҳазилга ёхуд яхшиликка йўйиш...

Умид кеча эрталаб уйғонгач, бет-қўлини ювди, артинаётиб бир муддат ҳовлида туриб қолди. Аҳвол-руҳияси дам енгил тортаётган, дам хавотирли тус олаётган Устозига ғойибона шифо тилади, шогирдлик ва инсонийлик бурчини адо этганидан кўнгли таскин топган заҳоти хаёли Котибага қочди. Қизнинг оппоқ юзи, ўзига ярашган кўзойнаги остидаги тим қора қош-кўзлари кўз ўнгида гавдаланди. Майин ёқимли шабада унинг димоғини сийпалаб ўтди. Назарида дам ҳовлининг бир чеккасидан, дам уйга кираверишдаги зина тепасидан, дам ошхона ичкарисидан Котиба қиз Умиддан кўз узмай кузатаётгандек бўлди. Умид майкачан турганидан хижолат чекиб, беихтиёр қўлидаги сочиқни ёйиб кифтига ёпди. Котиба қиз йўлак ўртасида ийманибгина турар, Умидга тик қарай олмас, Умид эса уни ичкарига – ҳовлига, ҳовлидан уйга чорлайдиган бирор сўз тополмай ўнғайсизланар эди. Шу пайт Опаси ўзи яшайдиган хонасидан чиқиб, индамайгина айвондан тушиб келди. Умид зумда хаёлларини йиғиштириб олиб салом берди, Опаси алик олмади. Чурқ этмай шарпадек сузиб ошхона томонга ўтиб кетди. Умид бир қарашнинг ўзида Опасининг авзои айниганлигини, унинг кўзларидан маъно қочганини пайқади. Сергак тортди.

Умид ҳарчанд уринмасин хавотирли ўйлар унинг хаёлларини ўз ҳолига қўймаётган, хаёллари қолиб, унинг жисми жонини таъқиб этаётган эди. Уйдами-кўчадами, вақт-бевақт Устознинг оқиш гулли чойшаб остида беҳол-бемажол ётиши мойбўёқда матога чизилган суратдек Умиднинг тасаввурига муҳрланиб қолган, бу суратдаги сўниқ ва мазмунсиз боқишлар Умидни қадам-бақадам таъқиб этар, Умид бу мўътабар нигоҳдан ўзини чалғитишга урингани сайин Устозга хиёнат қилаётгандек хижолат тортиб кетаётганди.
Мана, оқиш гулли чойшаб остида тирик жон ётганга ўхшамас, бамисоли сўнгги кунларда Умиднинг шуурини тарк этмаётган изтиробли манзара энди унинг кўз ўнгида намоён бўлаётган эди.
Умид кўз ўнгида кун ва соат сайин паймонаси тўлиб бораётган қадрдон инсоннинг жонига оро киришдан ожизлигини ўйлаб, аламдан ичи ўртаниб кетди. «Кечагина дунёни бошида кўтариб юрган одам... инсоннинг ҳоли шу экан-да...»
Умид дилидаги шу ожизона истиҳолани ўзича айтиб улгурмаган ҳам эдики, Устознинг нурсиз кўзлари катта-катта очилиб, унга қадалганича тошдек қотди. Шу ҳолида у садоқатли шогирдини ҳозир нима дединг, дея сўроққа тутаётгандек эди. Умид номаъқул қилмиш устида қўлга тушган одамдек ўзини йўқотиб қўйди. Кўзини олиб қочди, ён-верига аланглади. Азбаройи Устозга бўлган ҳурмати боис у кишининг ҳатто нур сўниб бораётган нигоҳларига ҳам бемалол қарашга ботинолмади. Ҳозиргина кўнглидан кечган ўй учун дилини тирнаган хижолатпазликдан ўзини чалғитиш ниятида бирон нарса керакми, деган маънода беморга қаради. Бироқ тўшакда ётган беморнинг заиф нигоҳида тайинли маънони уқиб бўлмади. Умид буни пайқаб улгурмай Устознинг садоқатли ва арзанда шогирдини танимас даражага етган нигоҳлари оҳиста юмилди.
Умиднинг юраги баттар увишди, жимгина туриб равонни, равондан чиқиб ҳовлини тарк этишга чоғланди, бироқ боягинда у кириб келгач, неча ҳафта-неча ойлардан буён касал боқиб тинка-мадори қуриган опоқи билан Устознинг кампиргина опаси ташқарига чиқиб кетишган, шундан Умид кенггина равоннинг бир чеккасидаги яғриндор каравотда тўшак билан битта бўлиб ётган беморни ёлғиз қолдиришга ботинолмади.
Умид қия очиқ дераза ёнига борди, ҳовли томондан опоқи рўпарасига келиб, унга савол назари билан қаради.
– Мақсуд йўқми? – пичирлаб сўради Умид бошқа жўяли гап тополмай.
– Ҳозир кеп қолади... – жавоб қилди опоқи ундан баттар шивирлаб, кўча томонга имо қиларкан. – Тоғаси билан бир жойга юборгандик...

Умид Устоз билан янги танишган, нари борса икки-уч дафъа суҳбатлашган кезлари эди, иттифоқо у киши фалон куни, фалон пайтда хонамга киринг, деб қолди. Ҳатто, тўғридан-тўғри кириб бораверинг, деб тайинлади ҳам.
Умид айтилган ишни қилди – айтилган куннинг айтилган соатида тўппа-тўғри қабулхона бўсағасига етиб келди. Унинг шу топдаги ташрифидан Котиба огоҳлантирилган шекилли, у ўтирган жойида кираверинг, деган маънода бош ирғаб қўйди-ю, ёзаётган қоғозидан бош кўтармади. Умид ҳам қизга эътибор бермади, оҳиста эшикни очиб ичкарига қадам қўйганини билади, азбаройи шамолдай югуриб келиб пешонаси билан деворга урилган одамдек таққа тўхтади-қолди.

Телефон минғирлади. Умид уни қулоғига тутди.
– Қаердасан? – дарҳол зуғумга ўтди Фарҳод.
– Устознинг уйидаман дедим-ку, – деди Умид бемордан нари бориб.
– Сен Азиз билан гаплашган эдингми?
– Ўша, ўзинг билан бирга ўтиришганимиз. Кейин бир марта... бирров... дурустроқ гаплашмадик ҳам.
– Кўришмадинг ҳам, гаплашмадинг ҳам. Шундайми?
Умид дўстининг феълини яхши билса-да, унинг айни дамдаги гапириш оҳанги дилига пича оғир ботди.
– Фарҳод, тушунмадим, сўраб-суриштиришми бу ёки сўроққа тутишми?
Фарҳод ҳиринглаб кулди, сўнг жиддийлашди.
– Оғайнигарчиликда икковиям бўлаверади. Чидайсан. Истасам – сўраб-суриштираман, истасам – терговчидан баттар сўроққа тутаман, уқдингми энди?
Умид унга муносиб жавоб ўйлаб улгурмай Фарҳод муомала оҳангини ўзгартирди.
– Бир ой ўтиб кетди-я, дўстим! Оқибатти уйига ўт тушсин, бундан кўра!.. Ўзимиздан ўтди, мусофирчиликдан келган дўстимиззи ёлчитиб йўқлашгаям ярамадик!..
– Йўқланмаган одам йўқолади-да...
– Яшшавор, ука, точкасига урдинг! Шу гапингга Азизтойни ерни остидан бўлсаям топаман! Йўқлайман, йўқолишига йўл қўймайман!..

Умид Устознинг қабулига кирганида етти-саккиз чоғли эркак-аёл қўр тўкиб ўтиришар, уларнинг аҳвол-руҳиясидан машварат айни авжига чиққани кўриниб турарди. Туйқус бир-биридан басавлат ёшулли ялписига «ялт-юлт» этиб Умидга ўгирилиб қараса бўладими! Эҳтимол, шунча одам бир йўла милтиқдан ўқ узган тақдирда ҳам у бунчалик каловланиб қолмас эди. Ғалати-ғалати маъноларга тўла назар-нигоҳлар эса милтиқнинг ўқидан-да оғирроқ зарб-залвор билан унинг кўзига, кўзи орқали вужуд-вужудига урилди – шўрлик Умид ёмон довдиради, ногаҳон бошига ўн ботмонлик гурзи тушган одамдек гангиб, турган жойида чўккалаб қолаёзди, шу пайт ўзини тугул, кўзини қаёққа олиб қочарини билмай тургани устига қулоғининг остида кимнингдир шипшиганини элас-элас эшитди:
– Уст-бошингизга қараб қўйинг, йигит...

Қулоғига шипшип айтилган ўша бир чимдимгина жумла Умиднинг тилига елимдек ёпишди-қолди: қаерда, қай ҳолатда бўлмасин, ҳатто таниш-нотанишлар орасида, ҳатто мавриди келса-келмаса ушбу луқмани сопқондан отгандек қилиб айтишга одатланди: «Уст-бошингизга қараб қўйинг, йигит!..»
Йўқ, Умид бу гапни киноя, пичинг ё кесатиқ оҳангида айтмайди, кейин ўйлаб кўрди, домласининг мана шу айтишга, ёдда сақлаб қолишга арзимасдек кўринган ҳазили ҳам аслида ҳазил эмас, балки унинг замирида обдон ўйлаб пишитилган «зил» бор эди.

Умид беихтиёр Опасининг изидан термилиб қолди, илтижоларга тўлиб-тошган шу қарашлари билан Опасини тўхтатиб қолмоқчидек, унинг кўзларига йўқолган маънони қайтармоқчидек эди, афсуски, дилининг тубидаги ниятларини тилига кўчира олмас, негаки бундай дамларда Опасига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган бисотидаги жамики гап-сўзларни айтиб адо қилган, ўйлай-ўйлай, қолаверса, Устознинг кишибилмас айтган йўл-йўриғидан келиб чиқиб кейинги пайтларда Опасининг касали тутган пайтларда сас-садо чиқармай уни изма-из пойлоқчилик қилиб эмас, балки наридан туриб кузатишни тажриба қила бошлаган эди.
«Бошланяпти...» деди у Опасининг ортидан зимдан кузатиб. Бир йўла ошиқиб йўлакка назар ташлади – ҳозиргина ийманибгина бошини хам қилиб турган Котиба қиз йўқ эди. Умиднинг нигоҳи ошхонага, ошхонадан айвонга кўчди – Котиба қиз ҳамма жойдан бирваракайига рўёдек ғойиб бўлганди. Умид беихтиёр уф тортди. Бу Опасининг дардига даво топилмаслигидан туғилган изтироб ифодаси эдими ёхуд унинг хаёлларини, хаёлларигина эмас, кундалик, ҳар лаҳзалик ҳаётини ишғол этиб улгурган Котиба қизнинг эндигина хонадонга қадам «ранжида» қилган жойида кўздан ғойиб бўлишидан туғилган афсус-армонли хўрсиниш эдими – буни Умиднинг ўзи ҳам фарқига етмади.

Бир талай аҳли йиғиннинг бирваракайига назар-нигоҳ ташлаши, унга «илова» сифатида қулоққа туйқус шивирлаб айтилган беозордан-беозор лутфи-карам одамни замбаракнинг ўқидан баттарроқ ер билан яксон қилишга қодирлигини Умид ўшанда ўз танасида бошидан ўтказди. Ваҳоланки, у Устознинг хос хонасига ўзича бостириб кириб бормади, Устоз йўриғидан чиқмай айтилган куни, айтилган дамда, айтилганидек тарзда тўғридан-тўғри кириб борди, нуфузли аҳли машварат учун бу беилтифот ташриф фавқулодда беадаблик бўлиб кўринган бўлса – бунинг гуноҳи Устознинг шаънига ҳавола, илло-билло, кимсан – ёш ва норғул олим йигитсан, Устоз айтмоқчи, иқтидорли ва умидли тадқиқотчисан, шундай экан, Устозинг қулоғингга шипшиган бўлса, яхши, осмон бошингга ўпирилиб тушгани йўқ, энгил-бошингга ров кўз югуртир – ёқаси, тугмаси, бурмаси, кисса-писсаси жойидами-йўқми – қара, олам гулистон, гангитиб-эсанкиратиб қўйган офатдан беталофот қутиласан-қўясан! Йўқ, бунинг эпини қилолмаган Умидбой дам кўйлаги тугмаларини, дам бўйинбоғини пайдар-пай пайпаслашга тушди, нима қилаётганининг фарқига бормади ҳам, гарданидан потирлаб чиққан муздай тер томчилари икки курагининг ўртасидан жўяк очиб қуймичи томон чопқиллаб тушаётганини сезди, бунинг таъсирида қаҳратонда қолган одамдек эти жунжикиб қунишди.

– Эртага бизникида меҳмон бўласан, – деди Фарҳод Азизни қучоқлаганича бағридан қўйиб юбормай. – Сен, Умид – учовимиз бўламиз, холос.
– Ҳай-ҳай, ҳовлиқма, – деди Умид Фарҳодни шаштидан қайтармоқчи бўлиб. – Намунча жониқмасанг? Ахир ҳали осмондан тушиб оёғи ерга тегиб улгурмади-ку! Уйига борсин, ота-онаси, қариндош-уруғ, қўни-қўшни дегандай, келди-кетди сал пасайсин, борармиз.
– Тўғри, эртадан кейинроқ...
– Йўқ, – деди Азизнинг гапини чўрт кесиб Фарҳод, – кейинроқ вақт йўқ, чоршанба куни деловой ишларим бор. Гап битта – эртага иссиғида бизникига!..
– Пайшанба-чи? – сўради Умид.
– Меҳмондорчилик бор.
– Жума, шанба?..
– Жума, шанба, якшанба – қаторасига улфатчилик! – тантанавор оҳангда эълон қилди Фарҳод.
– Яшаш қийинлашиб кетди деганларинг қатта-ю, кунига зиёфатхўрлик қатта?! Тушунолмай қолдим!.. – елка қисди Азиз кулимсираб.
– Қанақа улфатлар, улар? – чинакамига ҳайрон бўлиб сўради Умид. –Дуч келган даврага қўшилиб кетаверасанми? Ким, қандай одамлар, суриштирмай-нетмай...
Фарҳод истеҳзоли кулди.
– Сан замонни тушунмайсан, ука, – деди у Умиднинг елкасига қоқиб. – Гап тамом-вассалом, дедим, чўзма лағмон қилмаларинг-да, эртага кечқурун уйда кутаман. Айтиб қўяй: ўзимиз – тройка, бошқа ҳеч кимни қўшмаймиз!

У одатдагидек Опасининг изидан тушмади, нима қилсам экан деган саросимада югуриб-нетмади. Ваҳоланки, ҳар сафар аҳвол бирдек: туппа-тузук юрган Опаси тўсатдан савдойисифат бўлиб қолар, бундай пайтларда унга ҳеч бир гап-сўз кор қилмас, ҳушига келган ишга уннаб кетар, укаси унинг атрофида гирён уриб не кўйларга тушса-тушардики, қандай бўлмасин, Опасини ҳушига қайтариш чораларини изларди.
Шу умидда унга нималар деб кўрмади! Яхши гапирди-ёлборди, алдади-сулдади, чалғитди, юпатди, кези келганда пўписа қилишдан ҳам тоймади. Бир сафар Опасининг қўл-оёқларига арқон солиб чандиб ташлашга чоғланди. Бироқ на дўқлари, на ўқрайиш-ўшқиришлари, на қўлидаги арқон-чилвир Опасига кор қилди...
Опаси ошхона остонасига икки қадам қолганида кутилмаган ҳолат юз берди! Опаси бирдан тўхтади, Умид кўнглидан кечирган илтижолари кор қилдимикан деган ўйда жони ҳаприқиб кетди, Опаси астагина ортига ўгирилди, оҳиста ва бир-бир қадам ташлаб укасининг ёнига қайтиб келди, гўё сўрамоқчи бўлган нарсани унутиб қўйгандек ғалати анграйиб унга бош-оёқ разм солиб турди, туси ўзгарди ҳатто нимадир демоқчи бўлиб оғиз жуфтлади ҳам, Умид опасига бирров назар ташлади-ю, дарҳол кўзини олиб қочди, у Опасидаги фавқулодда бу ўзгариш боисини англаб етолмади.
У фикрини жамлаб улгурганида Опаси ошхонага кириб кетиб, у ердан қайтиб чиққан, бир қўлида қозон, капгир, иккинчисида коса, тўрт-бешта тақсимча кўтариб олган эди.
Умид ўзини четга олиб, йўлни бўшатди.

Умид ғўргина эмас, ҳали анча-мунча хом экан, бўлмаса Устознинг беўхшов қилиғидан арзирли бир ҳикмат топмай неча кунгача ўзидан-ўзи тумшуқ қилиб, хуноби тошиб, боши қотиб юрармиди!
– Ташқарига чиқиб, эшикни бетига ёпган заҳоти ўзингизни қушдай енгил ҳис қилдингизми? – деб сўради орадан беш-олти кун ўтказиб Устоз Умиддан.
– Ҳм... – дея олди Умид худди ичидан ўтганини тўкиб солса, ўша ўсал ҳолатга қайта тушадигандек хавотирда. Сўнг илова қилди: – Елкамдан тоғ қулагандек бўлди.
– Яша-анг! – дея маънодор савол назари билан боқди Устоз шогирдига. Унинг нигоҳида тайинли мўлжал билан бошлаган иши кутилган натижа берганлигидан мамнунлик аломати бор эди. – Хўш, кейин-чи?
– Нима, кейин? – деб юборди қўққисидан Умид. У шундай деб Устоздек бообрў ва эътиборли раҳбарнинг ўзига ярашмаган совуқдан-совуқ қилиғига ўпка-гинаси ва арази борлигини билдириб қўймоқчидек эди. Устоздек қаттиққўл инсон ёш ва ғўр шогирдининг бу тахлит гўдакларча «исёнча»сига эътибор ҳам қилмади.
– Тоғ қулагандек бўлди денг? – Шундай деганча ўйчан бир тарзда нигоҳини олиб қочди у. Бир муддат ўтказиб нимадир демоқчи бўлиб оғиз жуфтлади-ю, дамини ичига ютди. Умид буни сезиб Устознинг оғзини пойлади. Устоз эса аксинча, йўқ, зинҳор сирни очмайман, қабилида лабини баттар қимтиб, сукутини бузмади.

Азиз олис хориждан қайтган куннинг эртаси намозгарда Фарҳодникига йиғилишган уч қиёматли оғайни мижжа қоқмай тонг оттиришди. Гўё ҳали-замон дунёнинг уч томонига тариқдек сочилиб кетадигандек, қайтиб яқин-орада дийдорлашиш насиб этмайдигандек талашиб-тортишиб, баъзан ҳатто даҳанаки жангу жадалга айланиб кетаёзган гурунгда Фарҳод айтмоқчи, анча-мунча сўзлардан анча-мунча кўзлар очилди. Ҳали дилимда тугун бўлиб ётган, айтмасам хумордан чиқмайдиган гапларим уюлиб ётибди, деди Азиз. Умиднинг назарида эса... Азиз хориждан топиб келган, айтган ва айтиб улгурмаган гапларига тайинли жавоблар топилмаганига ортиқча ҳайрон бўлмади, балки уни пайдар-пай туғилган жавобсиз саволлар кўпроқ қизиқтирган эди...

    Устознинг бу сафарги сукути соат сайин хавотирли тус олмоқда. У кишининг кўнглидан нималар кечаётган экан шу топда?.. Бу аҳволда ётган беморнинг тепасида туриш, унинг инжиқликларини кўтариш, уни оқ ювиб-оқ тарашга унча-мунча сабрли банданинг юраги дош бермайди. Опоқи ҳам, кампиргина опа ҳам тамом ҳолдан тойиб, ана, ташқарида ўтиришибди. Умид эса... У ўзини қаёққа қўйишини билмас, дам-бадам Устознинг юмуқ кўзларига умидвор термилар, гўё шундай қилса – у ич-ичида Устозга соғлик ва умр тилаётганини ўзи ҳам сезмаётган эди – Устоз кўзини очса, Умид у кўзларда умидлар туғдирувчи шуълани кўрса, Устоз билан лоақал битта-яримта мулоқотга кириша олса ҳовлининг тепасидан босиб тушаётган темирдек совуқ ва зил-замбил зимистон ҳадемай равонни ҳам комига тортадигандек туюлмас эдими?!

Опаси ошхонадан қўлига илинган тақир-туқурни ўзи яшайдиган хонага ташмалашда давом этди. Умиднинг онаси айвон зинасининг ёнига келиб кутиб турди, Опаси навбатдаги сафар ошхона томон йўл олганида унга ҳам зарда, ҳам ялинчоқ аралаш илтижо қилди.
–Жон қизим, шу қилиғингни бас қилақол, болам...
Опаси миқ этмади, қайрилиб онасига қарамади ҳам – индамайгина ошхона томон бораётиб яна кутилмаганда зум тўхтаб укасига разм солди. У укасининг қандайдир сиридан воқиф бўлган-у, шуни сўрамоққа чоғлангандек сўлғин нигоҳида «йилт» этган шуъла кўринди, ваҳоланки, зинҳор Опаси дарди тутган чоқларда бош кўтариб кимсага назар ташламас, бошқалар тугул ўзини туққан онасини ҳам танимас, одам зотини кўрарга кўзи бўлмасди.

Умид Устознинг кумуш толаларидек оппоқ сочини бармоғининг учлари билан оҳиста таради. Устоз ўзига етгунча ўжар, қайсар одам эди, бундай феълли одамларнинг сочи тароққа бўйсунмайди дейишади. Лекин шу топда Устознинг сочи у кишининг қайсарлигидан эмас, балки мажолсизлигидан Умиднинг бармоқларига бўйсунмаётган, тўғрироғи, ҳатто бўйсунишга ҳам ҳоли қолмай, беморнинг чап қулоғи-чап қаншари аралаш ёйилиб тушган эди. Умид ўзи ҳам эшитмайдиган қилиб, мийиғида кулимсираб айни Устоз айтган оҳангда шивирлади:
– Уст-бошингизга қараб қўйинг, йигит...

– Топиш-тутишдан гапир, ука-а, – деди сиполикни йиғиштириб қўйиб Фарҳод «ука-а» сўзини атайин киноя оҳангида чўзиб, – сал кам уч йилда «кўк»иними, бошқасиними супириб-сидириб... роса топгандирсан ахир?!
– Супуриш-сидиришни эплолмадим, дўстим, лекин топишга топдим, – деди Азиз жиддий қиёфада. – Топганим... чиқарган хулосам шу бўлдики, инсон боласи борки, кучи-қурби етган ишга қўл урсин ва...
– Яъни?
– Яъни... ҳар ким иқтидорига яраша, яъни қўлидан келган касбнинг бошини тутсин ва бошлаган ишига астойдил киришсин экан! Демоқчиманки, ҳамон бир ишни бошладингми, ўша иш-юмуш ҳаёт-мамотингга айлансин! Қанча ақл-идрокинг, қанча умринг ва қанча куч-қудратинг бўлса, борича шу ишни қойиллатиб битиришга сарфла!
– Кейин-чи? – савол қотди Умид.
– Кейинми? – деб фикрини давом эттирди Азиз. – Ҳамма бало – кейин нима бўларкин деб мижғовланиб ўтиришда! Иккиланиб, қўрқа-пуса ёки ланжлик билан бошланган иш ҳеч қачон битмайди. Битса – чала битади. Бир ишга киришдингми, ўша иш, ўша мақсад – сенга пошшо, вассалом, бошқасини, барини йиғиштир, унут! Иккинчи, учинчи... юзинчи ишни бетига тупур. Кейин-пейинда худо пошшо!..
– Масалан, мен савдогарман...
– Сен тадбиркорсан, Умид – олим, тўғрими? – Азиз шундай деб Фарҳодни гап бошлашига қўймади ва берган саволини дўстлари томонидан тасдиқланишини кутмай сўзида давом этди: – Шундай экан, бошқа ҳар қандай борди-келди, майда-чуйда юмуш сенлар учун бегона, бекор!
Умид тагдор қилиб кулимсиради, унинг табассуми замиридаги истеҳзони пайқаган Азиз дўстига савол назари билан қаради.
– Ҳа, – деди у фикридан қайтмаслигини таъкидламоқчи бўлгандек ҳамон совуққонлик билан, – ўйингга келганини қайтарма, индаллосини совутмай айт, айтавер. Орамизда бегона йўқ-ку!
Умид айтди:
– Оила, қариндош-уруғ, яқин-йироқ... умуман одамгарчилик деган гаплар, тушунчалар нима бўлади?
Фарҳод саволни маъқуллаган маънода бош ирғаб, Азизга дўлайиб қаради.
Азизнинг эса пинагини бузиш у ёқда турсин, кўзи чақнаб кетди.
– Мен тополмаётган гапни, яъни индаллосини сен айтдинг! – деди у Умидга бошини устма-уст силкитиб. – Сен... сенлар айтаётган, назарда тутаётган ҳамма одамгарчиликлар аҳамиятини йўқотади!
Фарҳод жони ҳалқумига етган одамдек сапчиб ўрнидан туриб кетди. Қўлини пахса қилиб Азизнинг тепасига бостириб борди.
– Ўша ёқларда уч йил санғиб, орттирган ақлинг шуми? – энсаси қотиб ва дағдаға аралаш сўради у.
Азиз шаштидан тушмади, қизишмади ҳам.
– Шуни билиб қўй, Фарҳод, ўша ёқми-бу ёқми – ҳозирги замонда бунинг аҳамияти, фарқи қолмади, оғайни. Тушуняпсанми, аҳамияти қолмади. Иккинчидан, янаям индаллосини айтайми?
– Айт, – деди Фарҳод Азизнинг кўзига тик қадалиб. – Қўрқма, айтавер!..

– Шундай қилиб, эшикни бетига ёпган заҳоти ўзингизни қушдай енгил ҳис қилдингиз, кейин-чи? – дея дабдурустдан савол қотди Устоз яна уч-тўрт кун ўтказиб. Саволнинг айнан такрорланишидан Умиднинг назарида унинг иззат-нафсига игна суқишдан ўзга муддао йўқдек эди. Унинг энсаси қотди-ю, дамини ичига ютди.
– Ҳм... – дея аввалги жавобини такрорлади у тескари ўгирилиб. – Кейин...
Умид шундай деди-ю, юраги орқасига тортиб кетди. Наҳотки, Устоз хабар топган бўлса?! Ахир Котиба қиз билан ораларида ҳеч қандай тайинли гап-сўз ўтмади! На у чурқ этди, на қиз! Устознинг ер остида ғимирлаган илонни пайқаши шудир-да?!
Хайрият, Устознинг кейинги гапи Умиднинг кўнглига ғулғула солган хавотир булутини ўша зоҳоти тарқатиб юборди.
– Ўша ҳолатни, яъниким хонага – бизнинг ҳузуримизга кирган пайтдаги ҳолатингиз билан қабулхонага қочиб чиққан ҳолатингизни чоғиштириб кўрдингизми? Ёш ва изланувчан тадқиқотчи сифатида таҳлил қилдингизми?
Устознинг оғзидан айтилган бу таъриф-тавсифдан ҳаяжонланган Умид шошиб қолди. Ахир у бу илм даргоҳига келганига кўп бўлгани йўқ, Устознинг ишончи ва эътиборини қозонишга лойиқ шогирдликни ёлчитиб қўйгани ҳам йўқ. Қачон «изланувчан тадқиқотчи»га айланади-ю, қачон арзигулик каромат кўрсатиши ўзига ҳам ноаён.

– Домланг уччига чиққан қув одам экан, – деди Фарҳод Умиднинг «саргузашт»ларини тинглаб.
– Танимаган-нетмаган одамингни ёмонотлиқ қилишга ошиқма, – норозиланиб деди Умид.
Фарҳод кулди.
– «Қув одам» дейиш ёмонотлиққа чиқариш дегани эмас, олим ука, – деди у, – одам яхшилик йўлида ҳам қувлик ишлатиши мумкин. Айтмоқчиманки, устозинг сенга ишқи тушиб қолган, сендан олим чиқармоқчи. Мени айтди дерсан, ўзингга сездирмайгина аллақандай илм йўлига бошлаяпти сени, ука!

Умид ишга жойлашаётганида Лариса Латиповна исмли хушрўйгина хотин унинг ҳужжатларини эринмай синчиклаб кўздан кечирди.
– А что такое ва-сии? – пешонаси тиришиб сўроққа тутди у Умидни.
Лариса Латиповна кўз ўнгида шумшук ялмоғизга айланиб қолгандек туюлди.
– Как переводится слово «ва-сии»? – деди у ижикилаб, баттар ижирғаниб. Умиднинг назарида шундай лавозимда ишлайдиган хотин бу сўзнинг маъносини тушуниши шарт эди. Начора, у мажбуран жавоб қайтарди:
– Опекун, – шипшиди Умид айбига иқрор бўлган маҳкумдек бўйнини қисиб. – Не васии, а, ва-сий-й.
– О-о! – деб наъра тортиб юборди мошак хотин ва талвасага тушгудай ҳовлиқиб ўтирган жойида чайқалиб. У шундай деб Умидни саросар кўздан кечирди, унинг уст-боши, қўл-оёқларига кўз югуртириб ҳеч бир шубҳали иллат топмай пича вазмин тортди. Қаттиқ кетганини сезди шекилли худди рўпарасида ўтирган йигитчага ҳамдардлик изҳор этаётган одамдек мулойимлашиб сўради: – Если ты сам опекун, как будешь у нас работать? Я обязана тебя предупредить. Ты хорошенько подумал об этом?
Ялмоғиз Лариса бошини елкасига қийшайтириб, кўзойнагининг биқинидан уккиқараш қилганча тек туриб, саволига жавоб кутди. Умид ғазабдан гезариб кетди-ю, ўзини босди.
– Не я больной, – деди у босиқлик билан ҳар бир сўзни алоҳида таъкидлаб. – Я опекаю больного. Ей нельзя работать, а мне можно и нужно.
Лариса Латиповнанинг афтида ҳамдардлик аломатлари кўпайди. У энди яна буткул хушрўй аёл қиёфасига кирди.
– Директор знает об этом? – деб минғирлади у алланималарга имзо чека туриб.
Умид елка қисди. Лариса Латиповна сўзсиз жавобга эътибор ҳам қилмай, ҳужжатларни тахлашга киришди ва аҳамиятсиз нарсани сўраётгандай яна савол қотди:
– А кто она больная? И что с ней?
– Сестра, – деди Умид овозини пастлатиб. – Старшая сестра...
У иккинчи саволни жавобсиз қолдирди.

Ишга зўр-базўр жойлашган Умид кўп ўтмай Устоздек номдор олимга шогирд тушганига бошқалар эмас, ҳатто ўзи ҳам ишонолмай юрди. Ҳатто Устоз, «Мақсуд қатори ўғлимсиз» деганида Умиднинг кўзидан тирқираб ёш чиқиб кетди, камтарин бисотидан бундай меҳрибончиликка лойиқ миннатдорчилик сўзини тополмади.
– Ҳа-а, отангиз... – деди Устоз Умиднинг ҳужжатларига кўз югуртириб ўтириб ўйчан бир алфозда. – Онангиз... Ҳм-м... Опангиз бор эканлар...
Умиднинг боядан бери кўнглининг бир чеккасида пусиб ётган хавотир бутун вужудига тарқади. «Ўша ялмоғиз етказган!» деди ичида ҳужжатхона раҳбарини яниб. Умиднинг назарида Устоз «Опангиз...» деган жойида овози баландлашиб чиқди. Демак, ҳозир у Умиднинг Опасини сўраб-суриштиради, кейин бир нарса дейди.
Умиднинг тақдирини Устознинг ана шу кейинги гапи ҳал қилиши муқаррар эди!..
Бемор нимадир сўз айтмоқчидек оғиз жуфтлади-ю, лекин тили калимага келмади, тамшанди, афти бужмайиб оғир уф тортди. Чамаси сурункали азобли оғриқ уни тамом ҳолдан тойдирган эди. Умид йиғилиб-ғижимланиб қолган оқ гулли чойшабни тортиб, Устознинг қоқ суяк тиззасини беркитди. Тўсатдан «йилт» этиб Устознинг кўзи очилди. Умид буни кутмаган эди, шошиб қолди, ўзига қараб ётган Устозга нимадир гапириши зарурлигини ўйлаб тараддудланиб улгурмай «йилт» этиб очилган кўз қайтиб юмилди.

Умид ўзига билдирилган катта ишончни оқлаш учун Устознинг айтганларини ўйлайвериб бошига оғриқ туриб кетди, бироқ у Устознинг беўхшов ҳазили тагидаги «зил»ни илғай бошлагани сари севинчи ичига сиғмай бораётган эди. «Дабдурустдан бир гала одамнинг назар-эътиборига тушиш жўн ҳодиса эмас. Унча-мунча одам гангиб қолади, хурсандлигидан ўзини йўқотиб қўяди, довдирайди. Умуман, назар-эътибор... яхшилаб ўйлаб кўрасиз, изланасиз, Умиджон, назар-эътибор одамни минг бир кўйга соладиган ажабтовур бир ҳолат, ҳодиса. Тушунтира олдимми?..»
Назар-эътибор... Одамни минг бир кўйга солади... Тўғри, бунинг бир қарашда ҳеч бир ажабланарли жойи йўқ, лекин... минг бир кўйга соладиган ҳолат, ҳодисани ўйлаш, ўрганиш... у ҳақда бош қотириш?..
Умидни таажжубга солаётган жойи... нима сабабдан Устоз айнан шу мавзуни Умидга раво кўрмоқда? Нима сабабдан Устоз Умидни «Мақсуд қатори ўғлимсиз» деди?
Устознинг эътиборига тушиш Умидни кейинги кунларда бошқача одамга айлантириб қўяётган эди.
– Тушуняпман... – Умид шундай деб гап бошлади-ю, бир зум тайсаллади. Сўнг хаёлига келганини айтишга жазм қилди: – Ўзим сизнинг эътиборингизга тушганимдан босар-тусаримни билмай қоляпман-у, бу ҳам минг бир кўйнинг биттасидир-да?
Устоз шу қадар қаҳ-қаҳ отиб кулиб юбордики, Умид гапи шунчалар таъсирли чиқишини ўзи ҳам кутмаган эди. Умид Устоздек жиддий раҳбар одамлар ҳам ҳамма қатори баралла, яйраб-яшнаб кулиши мумкинлигини ўшанда кўрди, билди.
– Қойил! – деб Умиднинг елкасидан қучиб бағрига тортди Устоз, – синчков ва ҳушёр одамдан изланувчан ва топқир олим чиқади. Ҳозирнинг ўзида минг бир кўйнинг биттасини кашф этиб қўйдингиз, ўғлим!
Умид бошқа гап қўшмади. Устоз эса жиддийлашди.
– Айтдим, назар-эътиборнинг минг битта мўъжизаси бор. Одамни иззат-обрўсини оширади, шон-шуҳратини тоширади... Мартабасини, унга қўшиб давлатини зиёда қилади... Тарбиялайди, йўлга солади... Эсдан оғдиради... Юрак ўйноғи қилади... Махлуққа айлантиради, қора ерга тиқади...
– Қизиқ, саноғига етиш ҳам қийин...
Устоз тўғри деган маънода бош ирғади.
– Шундай, бунинг бошланиши ҳам, адоғи ҳам йўқ. Инсон ҳаётининг бошидан охири назар-эътибордан иборат. Ҳамма ҳамманинг назарида, кузатувида...
Устоз жим бўлди, лекин унинг фикри тугамаганлиги чеҳрасидан сезилиб турарди. Бир неча сония ўтиб-ўтмай Умиднинг тахмини тасдиқланди.
– Ҳамон ҳамма ҳамманинг кузатувида экан, одамни одам қиладиган ҳам, қора ер қиладиган ҳам – ана шу кузатув, ана шу назар-эътибор! Яхшилаб ўйлаб қаралса, бутун инсониятнинг яшаш тарзи яхлит олганда кузатиш ва кузатилишдан иборатга ўхшайди. Одам – кузатувчи ва кузатилувчи махлуқ...

Умид бутун диққат-эътибори билан Опасини зимдан кузатаётганини сездирмади, Опасидаги ўзгаришни пайқамаган одамдек ўзини бепарво тутиб тураверди, ҳатто Опаси томон ўгирилиб қарамади ҳам. Аксинча ошхонадан яна алланима идиш-товоқларни кўтариб чиқиб келган Опасига йўлни бўшатиш учун нари кетди. Опаси ошиқмай зинадан айвонга чиқди, тўхтади, орқасига ўгирилди.
– Ўз ҳолимга қўясанми-йўқми, ит?! – ўшқирди у тўсатдан. Опаси ҳатто савдойилиги қаттиқ ҳуруж қилган пайтларда ҳам камдан-кам овозини бу қадар кўтарарди. Шунда ҳам Умид ўзини босди. Шафтоли дарахтининг қийғос гуллаган новдасини авайлабгина эгиб, унга разм солиб, ўзини эшитмаганликка олиб жим тураверди. Ахир шу сафар у Опасини ўз ҳолига қўя бошлади. Мумкин қадар ундан ўзини олиб қочяпти, унинг кўзига камроқ кўринишга ҳаракат қиляпти. Бироқ Опасининг гапи ҳали тугамаган экан. У айвонга қўшиб ҳовлини бошига кўтаргудай ўшқирди: – Изимдан юриб адо қилдинг мани! Ҳу, бетинг қурсин сани!
Умид шошиб қолди. Майли, Опаси уни нима деб ҳақоратласа-ҳақоратласин, итдан олиб битга солсин, лекин қўни-қўшни нима дейди?! Нима қилиши керак? Опасига бир оғиз сўз айтиб обрў топиши даргумон. Онаси чўк тушиб зинага суянганича кўзларидан ёш оқизмай юм-юм йиғлагани-йиғлаган.
Ниҳоят, Умид Опасини юпантиришга қарор қилди.
– Хўп, майли, – деди у мумкин қадар овозини мулойимлаштириб айвон томон яқинлашар экан, – хўп, опажон.
Унинг товушидаги илтижо Опасига кор қилди чоғи, у индамай хонасига кириб кетди, Умид енгил тортиб улгурмаган ҳам эдики, ичкаридан Опасининг бўғилиб қарғангани эшитилди:
– «Опа» деган тилингга куйдирги чиқсин!

Умид Устознинг ич-ичига тортиб кетган чакакларига, гезарган ва қимтилган лабига ночор ва ожизона бир изтиробда термилиб ўтириб беихтиёр бармоғининг учи билан беморнинг кумушдек ва хийла сийрак тортган сочини силар экан, Устознинг ёд бўлиб кетган гапларини ўзича такрорлади: «Одамни одам қиладиган ҳам, қора ер қиладиган ҳам – назар-эътибор... инсонларнинг яшаш тарзи кузатиш ва кузатилиш... Одам – кузатувчи ва кузатилувчи махлуқ»...

Навбатдаги сафар учрашув чоғида Устоз аввалги суҳбатни чала қолган жойидан давом эттираётган оҳангда гапиратуриб ёзиб олинг деган маънода иягини чўзиб шогирдини қалам-дафтар олишга ундади. Умид дафтарни очди. Устоз тик турган ҳолича оёғининг остидаги бир нуқтадан кўз узмай ва ошиқмай, дона-дона қилиб гапирди:
– Кузатувчининг кузатишлари даставвал кузатилувчига ижобий таъсир кўрсатиши мумкин, чунки кўпчиликнинг назарига тушиш истаги аслида жуда табиий ҳолат, қолаверса, обрў-эътибор, шон-шуҳрат ҳам назарга тушишдан бошланади! – шу боис ҳар қандай одам назар-эътиборга тушишдан маст бўлади, роҳатланади, ўзини қўярга жой тополмайди, бунинг жозибаси олдида ҳеч бир банда ўз ожизлигини яширолмайди, яширадими-йўқми, буниси алоҳида муаммо, илло уни енголмаслиги тайин. Оқибатда, кузатув, яъни назар-эътибор, демак, шон-шуҳрат узлуксиз зўрая боргани тақдирда бояги жозиба кузатилувчини маҳв этувчи жодуга айлана боради. Бу – бир!..
– Ҳеч бир назарга тушмай, шон-шуҳратдан холи яшаб ўтиши ҳам мумкин-ку, одам?
– Айтишга осо-он, – деди бош чайқаб Устоз, – иззат-обрў, шон-шуҳрат макрига илинмаган тирик жон йўқ дунёда. Чунки...
– Чунки назар – инсоннинг қонига, вужудига сингдирилган тузоққа ўхшайди!..
Устоз иягини қаттиқ чимдиганича жим бўлиб қолди, у Умиднинг оғзидан бундай фавқулодда хулосани эшитишни кутмага эди. Шунга қарамай, унга муносабат билдирмади. Яна пича ўйга чўмиб тургач, «чунки...» деб гапи узилган жойидан мулоҳазасини боғлаб юборди:
– Масаланинг бошқа томони ҳам бор. Бу – кузатилувчи кузатувчининг назар-эътиборини кўтара олиш-олмаслиги, яъни, кузатилувчилик миссиясини уддалаши... эшитяпсизми, миссиясини!.. – Бирдан Устознинг овози титраб чиқди ва тенгқур жўраси билан гурунглашаётган оҳангда давом этди: – Қаранг, Умиджон, инсоннинг зиммасида кузатилувчилик вазифасини эплаш миссияси, яъни бурчи ҳам бўлар экан, буни алоҳида ўйлаб кўришга тўғри келади... Бунда гап кўп!..
Устоз шундай деди-ю, асосий фикрини ниҳояладими ёхуд ундан чалғиб кетдими, янаям бўлакча оҳангда, ҳатто кулимсираб сўзлашга ўтди:
– Елкамдан тоғ қулагандек бўлди, деганингиз ичкарида сиз рўпара келган назар-эътибор босимидан халос бўлиб енгил тортганингиз дегани. Мисол келтирадиган бўлсак... – Устоз шундай деб пастак курсида турган шиша идишдан пиёлага пича сув қуйди-да, туринг, деди Умидга. Умид ўрнидан турди, Устоз уни девор томон боришга ундади, Умид рўпарадаги девор ёнига борди. Энди менга қараб келаверинг, деб амр қилди. Устоз шу топда яна бир хурмача қилиқ ўйлаб топганини Умиднинг кўнгли сезди, фақат у мавҳум тахминлар билан Устоз томон яқинлашиб келишидан ўзга иложи йўқ эди. У бир-бир босиб кела бошлади. Шу пайт Устоз туйқус пиёладаги сувни Умиднинг афтига сепди. Азбаройи чўчиганидан Умид беихтиёр бошини буриб чап бермоқчи бўлди-ю, шу заҳоти ҳушёр тортди – қимир этмай, бошини олиб қочиш уёқда турсин, ҳатто киприк қоқмай Устозга бақрайиб қараб тураверди. Назарида ҳозир сепилган сув юз-кўзи, елкаси, кўйлагини жиққа ҳўл қилиб, уст-бошига оқиб тушадигандек эди, бироқ... Устоз сепган сув қулоғининг ёнидан ўтиб девор томон сочилган, Умидга томчиси ҳам тегмаган эди.
Устоз ўтказган бу «нодир» тажрибаси кўнгилдагидек чиққанидан мамнун бўлиб амалиётнинг илмини изоҳлашга кўчди.
– Мана, сувни пиёлада сепганим учун кўпда сесканмадингиз, парво ҳам қилмадингиз, демоқчиманки, битта-яримта, яккам-дуккам назар-эътибор мен сепган ярим пиёла сувчалик бетаъсир ва юқмас бўлиши мумкин. Лекин шуни унутмангки, юқмаса-да, ургандан туртган ёмон дейишади-ю, ўшанга ўхшаб, битта қаттиқроқ қараш, шундоққина кўз ташлаш одамни туйқус туртгандек қалқитиб юбориши ҳам ҳеч гапмас...
Устоз ўйланиб қолди.
– Маҳмуд деган шоир йигит икки мисра шеърида «Тикилган кўзларнинг тикони бордир», деб ёзганди.
Устоз ялт этиб шогирдига қаради.
– Боплабди! Топиб ёзибди! – деди у ҳамон ўйланиб. – Ўша йигитнинг китобини топинг, ўқиб чиқаман... Сўнг, ҳа, айтмоқчи, биринчи сафар назар-эътиборга тушиш одамга мойдай ёқади, чунки унинг зарар-зиёни, ўша шоир айтганидек, бошланишида тикилган кўзнинг тикони сезилмайди. Лекин...
Умид бош ирғаб эшитиб тураверди. Устоз давом этди:
– Лекин, дейлик, тўсатдан бетингизга бир челак сув сепиб юборилса, ёки бўлмаса, мана шу эшикнинг ҳар иккала тавақаси тарақа-туруқлаб очилса-да, зумда шу хонани тўлдирадиган оқим ёпирилиб кирса – унда қай аҳволга тушасиз?.. Тек тура оласизми?... Ағдарилиб-нетмайсизми?! Тўлқин сизни жонсиз бир ғўладек оқизиб, деворга олиб бориб урса-чи? Кўмиб, ғарқ қилиб юборса-чи?.. Унда аҳвол нима кечади?..
Устоз хийла фурсат жим бўлди, афтидан у Умидга фикрини жамлаб олиши учун имкон бераётган эди. Ниҳоят, у мулоҳазасини якунлади:
– Мана шу хонада йиғилиб ўтирган кишиларнинг, айтмоқчиманки, кўпчиликнинг, яъни, тумонатнинг назар-эътибори, айтдим-ку, эшикни тўлдириб ёпирилиб кирган сувнинг босимидан қудратлироқ! Бу назар-эътибор, ўзингиз айтмоқчи – тоғ! Лаҳзада елкангизга миниб олган тоғ!.. Хонадан қочиб чиққан замони ўзингизни қушдай енгил ҳис этганингиз боиси шу! Яъни, елкангиздан босиб турган тоғдан қутилгансиз!
Ўша куни Устоз яйраб-яшнаб гапирди. Умид эшитганларининг барини дафтарига қайд этиб боришга ҳарчанд уринмасин нималардир қолиб кетётганидан хавотирда ёзиб улгурмаётганларини ёдида сақлаб қолишга ҳаракат қилди.

Умиднинг биқинидаги телефон «тринг»лади. У телефонни ортиқ «жаврат¬маслик» учун дарҳол уни оғзига тиққудек жавоб қилди:
– Жуда хит қип юбординг, Фарҳод! Сабр қип тургин, ўзим қўнғироқ қиламан.
– Сабр қилмай-ман-н! Қўнғироқ қилавераман-н! – Фарҳод шундай деб, ўз билгисидан қолмади.
– Азизни тополмаётганим етмайдими?! – давом этди у астойдил хуноби ошиб. – Кетар арафасида ҳангамалашайлик деб ҳоли-жонимизга қўймади. Яна ўша ёқда орттириб келган ақлларидан бордир? Айтар ўшаларни!.. Шунга сен ҳам йўқолиб қолма, тағин!..
– Ҳар қалай мусофирчиликка жўнаб кетаётган оғайнимиз, тағин дилини оғритиб қўйма, Фарҳод.
Умид дўстини ҳовурдан тушириш учун айтган гапи унга унчалик кор қилмаган кўринди.
– Ажнабийлашган дилидан ўргилдим! Ақли балога етади деймиз-у, кўрдингми, ҳар кимга яшаган жойининг сиёқи урмай қолмайди, – дея тўнғиллади Фарҳод. – Мусофир одамнинг қадам олишию қаричи... кўнглигача мусофирлашиб кетади.
 
– Яна бир томони бор, шуни ёдингда сақла, болам, – деди тўсатдан сенсирашга ўтиб Устоз, – ярим пиёла сув сепдим-а?.. Ярим пиёла сув афтингга, энгил-бошингга юқмаслиги ҳам мумкин. Битта-яримта одамнинг назар-эътиборига тушиш ҳам шундай – юқмайди, унутилиб кетади. Лекин ярим пиёла–ярим пиёла қилиб сувни сепаверса-сепаверса, яъни, кўпроқ-кўпроқ одамларнинг назарига тушиб, олқиш ола бошласанг, у олқишлардан ўзингни йўқотар даражада талтайсанг... сув ёруғлик, ювиняпман, чўмиляпман деган хаёлда ё тоқат қилиб, ё алданиб юраверсанг, аслида эса шилтаи шалаббо бўлаётганингни сезмасанг. Сезганингда эса анча кечиккан, кўп-кўп нарсаларга қўшиб иззатингни бой бериб улгурган бўлсанг... Буниси бир бало... Иккинчи бало, муттасил кузатув остида яшаш одамни абгор қилади1.. Бирортасини эртаю кеч изидан қолмай пойлаб юравергин, асти ўз ҳолига қўймагин, чурқ этиб оғиз очмасанг ҳам, танбеҳ бермасанг ҳам, кетидан юришингни ўзига адои тамом бўлади. Эс-ҳушини йўқотади, эс-ҳушини йўқотмаган тақдирда сил бўлади, сил!..
 
Умид шу гапни онасига айта олмади, айта олмаган эса-да, ўзи Опасига бўлган муносабатини ўзгартириш йўлларини излай бошлади. Энди ўйласа... нима учун у илгарироқ Опасини ўз ҳолига қўйишни ўйлаб кўрмади, ҳақиқатда Опасининг дарди ўзига етмасмиди?! Унга кўз-қулоқ бўлиш, эҳтиётлаш ўз йўлига, лекин... эҳтимол у ўз ҳолига қолгиси, тизгинсиз хаёллари гирдобида кезгиси келгандир? Бундан чиқди...

Умид Устознинг ҳузурида қай аҳволга тушганини Устознинг ўзига икки-уч қайта айтди, шунчаки айтиб қутилмади, балки ётиғи билан батафсил сўзлаб ҳикоя қилиб берди. Кўпчиликнинг дабдурустдан назар-нигоҳ ташлаши одамга милтиқнинг ўқидан оғирроқ тегишини тасвирлаб берди-ю, кези келганда, бир кишининг назар-нигоҳи ҳам одамнинг жонини олмаса-да, оёғидан йиқмаса-да, ҳар қалай эс-ҳушидан айириши мумкинлигини, худди шундай ҳолатга Устознинг қабулхонасида дучор бўлгани ҳақида лом-мим демади. Тўғрироғи, уни мисол тариқасида айтиб беришга истиҳола қилди.

– Айтавераман, оғир олмасаларинг бас, – деди Азиз ҳар иккала дўстига бирма-бир қараб олиб.
Фарҳод билан Умид чурқ этмай айтадиганингни айтавер, қўрқадиган жойимиз йўқ қабилида кечагина олис хориж сафаридан қайтган Азизнинг оғзига тикилиб ўтираверишди. Ниҳоят, Азиз чертиб-чертиб муддаога кўчди:
– Яшашдан мақсад одамгарчиликми, айт – Фарҳод, айт – Умид! – Азиз шундай деб икки ёнидан ўзига тикилиб ўтирган иккала дўстига бир-бир разм солиб олди-да, давом этди: – Шундай экан, марҳамат, фақат одамгарчилик билан шуғуллан. Одамгарчиликни осмонга кўтар, сен бозорни йиғиштир, сен эса олимликни унут. Унут-да, ўзларинг тиш-тирноғинг билан қапишиб олган одамгарчилик соҳасининг пирига айлан! Одамгарчилик орқасидан дунёга танил! Марҳамат!
Орага тушган жиндек жимликни Фарҳоднинг тагдор пичинг аралаш кулгиси бузди.
– Қуруқ одамгарчилик билан қозон қайнамайди-да, ука, – деди у ясама салмоқланиб.
Умид дилидагини тилига кўчирадиган мавриди келмади деган ўйда сукут сақлади. Азиз баттар жиддийлашди. У хорижда орттирган «ақли»нинг барини тўкиб солмаганини сездирмоқчи бўлгандек ҳар иккала жўрасига боягидан-да синчковлик билан кўз югуртириб олди.
– Ҳа, яш-ша-а! – деди у Фарҳоднинг тирсагидан тутиб, – шуни унутмаларинг: қора қозон қайнаб турганига шукр дейдиган замонлар ўтиб кетди, энди қозон мазали қайнасин, жонон масаллиқларга тўлиб қайнасин деб яшайдиган пайти келди. Бунинг учун...
– Бунинг учун ҳамма ўзини бозорга уриши...
Азиз қўлини пеш қилиб, Фарҳоднинг оғзига урди, ўзи бошлаган гапини давом эттирди:
– Бунинг учун нафақат бозорда, балки бошлаган ҳар қандай ишингга бутун ва яхлит одам бўлиб киришмоғинг керак!.. Айтмоқчиманки, бир ишга бош суқдингми, кўзингга бошқа нарса кўринмасин, сени тилка-пора қилиб, майдалаб-бурдалаб ташлайдиган нарсалардан қоч! Андиша, истиҳола, камтарлик, камсуқумлик, орият-морият... хуллас, бизларнинг... одамларимизнинг назаридаги одамгарчилик бор-ку, шуларнинг бари ҳар бир одамни ўзи танлаган мақсаддан чалғитади, бошини қотиради, бутун бўлишига йўл қўймай парчалаб ташлайди!
Суҳбат шу ерга етганда уч оғайни ўртасига очиқчасига совуқчилик тушди. Қарийб уч йилдан буён ўзини соғинтирган Азиз Фарҳоднинг назарида етти ёт бегонага айлангандек эди, Умид қатъий қарор чиқармаган бўлса-да, дўстининг нордон мулоҳазаларини ҳазм қилиш чорасини излаётган, Азизнинг бўғилиб уқдирмоқчи бўлаётган фалсафасини тушунишга уринаётган эди.
– Гапир, ука, – деди Фарҳод Умидни Азизга гиж-гижлаб. – Ман бир бозорчи савдогар бўлсам, сан олим одамсан-ку, истиҳола, орият-пориятни йиғиштириб қўйиб жавобини бер.
– Пичинг қилмай гапиравер, – деди Азиз зўраки жилмайиб.
Фаҳод ўзини базўр босди.
– Уйимда меҳмонимсан, оғирроқ гапириб юбормаслик учун ҳам пичинг қиляпман...

Устоз машварат ўтказаётган хонадаги мўътабар назар-нигоҳлар бир муштга айланиб ўзининг пешонасига гурзидек урилганини Умид бот-бот эслашга одатланди. Ахир у йўқ ердан бўй-басти билан оёқ остига қулашига оз қолди, мувозанатини сақлашга сақлади-ю, ёмон довдиради, нимадир деди, ҳа-я, гап айтиш қаёқ-да! – нимадир деб ғўлдиради, қўр тўкиб ўтирганлар орасидан битта-яримта ҳингир-ҳингирга, пиқир-пиқирга ўхшаш узуқ-юлуқ товушлар чиқди, хуллас, Умид нима қилаётганини ўзи ҳам англаб-англамай хонадан шиша оғзига тиқилган пўкакдек отилиб чиқди, залворли эшик ортидан «қарс» этиб ёпилгандагина Умид уни тутиб қолишга беҳуда қўл чўзди, ўн чақирим масофани бетўхтов югуриб ўтган чопардек «ҳарс-ҳарс» нафас олганича орқаси билан деворга суяниб, тек туриб қолди.
Умид бирор касб-кор бошини тутса, онасининг маҳаллама-маҳалла изғиб келинликка лойиқ қиз излашини бас қилиши учуноқ тезроқ уйлана қолса, бу ёқда Опасига кўз-қулоқлик бурчини адо этиб юрса пешонасига битилган тақдири азал ёзувига заррача гина-кудурати йўқ эди. Орзу-ҳаваслари мустажоб бўла қолмаётганидан эзилиб увоққина бўлиб қолган онасини зимдан кузатиб ичи ачишиб кетар, келин топилмаётганининг асл боиси онасини қанчалик изтиробга солса, буни Умид ҳам ич-ичидан шунчалик чуқур ҳис қилар, лекин ҳис қилаётганини на онаси, на-да у оғиз очиб гапирмас, айни шундай кўнгил хуфтон дамларида онасини чалғитиш ва овутиш учун атайдан ҳазил-ҳузуллар ўйлаб топар, топарди-ю, ўзи ичидан зил кетиб юрарди.
   
Умид, ўзи айтмоқчи, орқаси билан деворга беҳол суянганича турганида елкасидан тоғ қулаганини яққол ҳис қилди, азбаройи вазнсизлигидан қуш мисол қанот қоқиб учиб кетишга ҳам шай эди. Нафаси равонлаша бошлади, кўз олди тиниқлашди-ю, ўзи томон ялт этиб қараганча туриб қолган Котиба қизни кўрди.
Бу ёқда девордан ўсиб чиққан тош ҳайкалдек Умид қимир этмади, ундан садо чиқмади. У ёқда қиз ҳам жим эди, у ҳам йигитдан, йигитнинг қўрқув, хавотир ва ҳаяжон тўла нигоҳидан нигоҳини узолмади. Икки ўртада сукутдан бўлак... ҳеч зоғ, ҳеч вақо йўқ эди...

– Сукутдан сукутнинг фарқи ер билан осмонча, – деган эди Устоз. – Шундай сукутлар бўладики, ўша лаҳзаларда кўнгилдан кечган кечинмаларни кейин соатлаб сўзлаб ҳам адо қилолмайди одам.

Бемор яна тамшанди, лабининг бир чеккаси аранг қимирлаб улгурмай бутун вужудига оғриқ турди чоғи, оғир уҳ тортиб юборди. Умид Устознинг муддаосини тушунолмай хавотирда ҳовли томонга ўгирилди, опоқи билан кампир бояги-бояги сўри қирғоғида сўзсиз-несиз бошларини хам қилиб ўтиришарди. Умид ўз тахминича курсича устида турган пиёладан ярим қошиқ совуқ чой олиб Устознинг оғзига тутди. Беморнинг лаблари орасида пайдо бўлган икки томчи совуқ чой қай томон йўналишини билмай турди-турди-да, ярим-ёртиси амал-тақал қилиб беморнинг лаблари орасига сизиб ўтди, ярми унинг яқин уч-тўрт кун мобайнида қиртишланмаган ияги, ундан бўйни томон ўрмалаб тушиб кўздан йўқолди.
Телефон садо берди. Умид телефонни оғзига келтириб шивирлади:
– Сабр қилиб ўтиргин, бу ердан чиққан заҳотим ўзим сим қоқаман... – Топдингми?
– Топмай қўймайман! Соткаси бор-ку, ахир. Ерга кирса – қулоғидан, осмонга қочса – оёғидан илинтириб топиб келаман, бетайинни. Фақат сен ҳам йўқолиб қолма, тағин!..

Йўқолганда Умид ёмон йўқолди. Бошқалар тугул, унинг ўзи ўзини тополмайдиган бўлиб йўқолди. Ётса ҳам, турса ҳам, ҳушидаю тушида Котиба қиз билан суҳбат қурадиган, унинг қадамини пойлайдиган, буниси камлик қилиб, ўтирган, овқатланаётган, юриб бораётган жойида бирдан вужудидан ҳарорат кўтарилар, азбаройи иссиқхонадан чиққан одамдек қизариб кетар, неки юмушга қўл урса, кийим кийса, соч тараса назарида Котиба қиз бир чеккада туриб уни кузатиб қараб тургандек бўлаверар, бунга сайин Умид ўзига Котиба қизнинг назари билан қарайдиган, ўзини Котиба қиз бўлиб кузатадиган, таъқиб остига оладиган одат чиқараётган эди. Шу аснода у онам топган бирортасига уйланавераман-да, деган фикридан қайтди. Онасининг келин излаб эшикма-эшик юришлари унга ўта мазмунсиз ва аҳамиятсиз нарсага айланди.
– Қўйинг, ойи, – деди у асл ниятини ошкор этмай, – овора бўлиб, келин излаб юрманг.
Онанинг кўнгли ўғли пинҳон тутган муддаони фаҳмлаб улгурди, кампирнинг кўзлари намланди.
– Кошкийди! – деди енгининг учига кўз ёшини артиб. – Худонинг ўзи ёмон кўздан асрасин, болам!..

Умид ташқарига қаради. Қуёш ботган, супада ҳануз қимир этмай ўтирган опоқи билан кампирнинг устига қоронғи тушаётган, уларнинг юз-кўзини ажратиб бўлмас, кўлагага айланиб улгуришган эди.

Мезбон эканлигига қарамай аччиқланаётганини яширолмаган Фарҳод қизишгани сайин аксинча Азиз вазминлашди.
– Сен ҳақсан, оғайни, – деди у Фарҳодни юпатишга ҳаракат қилиб, – мени еб қўядиган важоҳатда ўтирибсан, ҳойнаҳой тўппончанг бўлса отиб ташлашдан ҳам тоймасдинг, шундайми?
Фарҳодга гап топилди.
– Ҳайрият, бизда бунақа ёвузликлар расм бўлиб улгурганича йўқ. Ўша сен ақл ўрганиб келган томонларда жини суймаган одамини отиб ташлаш айб саналмайди, тўғрими? – деди у истеҳзоли илжайиб.
– Намунча бўғилмасанг, Фарҳод, – орага тушди Умид. – Азиз Америка очгани билан бу ердаги одамлар ёппасига ўшанақа бўлиб қолармиди?!
– Бўп кетадиям, бола! Мана машинга ўхшаш ғурбатлардан биттаси келиб айтади, иккитаси айтади-да, эшитган сари қулоғинг ўрганади, кўрган сари – кўз кўникади. Аста-секин бу кўникишлар феъл-атворга кўчади, қарабсанки!..
– Э-э, Фарҳод дўстим... – Азиз бўшашиб, норозиланиб бош тебратди.
Умид беихтиёр зимдан икки дўстини қиёслаётган эди. Илгари бунақанги пайтларда ким бўлмасин юмдалашиб кетгудай талашиб-тортишадиган, айтганидан, билганидан қайтмайдиган Азиз хийла вазмин тортгани, айни тутақиб кетадиган ҳолатларда аксинча босиқ бўлишга одатлангани, Фарҳоднинг эса феълида айтарли ўзгариш йўқлиги кундек равшан кўриниб турарди. Фақат Азиз «кўтариб» келган янгиликни аслида Умиднинг ўзи ҳам кўнглининг бир чеккасида ўйлаб юрар, лекин уни ҳеч ким билан ҳеч ерда ошкор муҳокама қилишга жазм этмаган, энди эса уни «ҳазм» қилиш нечоғли осон кўчмаслигини янада чуқурроқ тушу¬наётган, шу боис у ҳақда бафуржа мулоҳаза қилиб кўришни мўлжаллаб қўйганди.
– Ойдай келин бўганди, кундай келин бўганди! Эрию қайнона-қайнотаси еру кўкка ишонмасди! Кенг уйнинг эркатойи эди! Шундай боламга қаттан ёпиша қолди, бу тузалмас бало, худойим-а?!
Онаси куюнганидан айтиб-айтиб зорланишича бор, ҳақиқатда Опаси хушрўйгина эди, файзли хонадонга арзанда келин бўлиб тушди-ю, чиройига чирой, ҳуснига ҳусн қўшилди. «Асал келин»нинг бахти қисқа экан, ким билсин, онаси айтиб-айтиб йиғлаганидек...
– Қайси кўзи тешилгурри кўзи, қайси суллоҳнинг тўймаган суқи кирган бўлса, ўзгинасига қайтсин!..
Умид онасининг алам устида айтадиган бундай қарғишларига ортиқ эътибор бермас эди, кейинги пайтларда ўйлаб қолди. Кўз тегиши ҳам, суқ кириши ҳам назар-эътибор-да!.. Бировларнинг қарашини кўтаролмаслик-да!.. Тўғри, яхши ниятда, ҳавас билан қарайдиганлар бор, ҳасад ўтида ёниб-куйиб назар соладиганлар бор. Ҳам ҳавас, ҳам ҳасад билан қарайдиганлар қанча?! Ҳасад ҳам, ҳавас ҳам кузатувнинг бир хили, кузатилувчи уларга дош берса хўп-хўп, акс ҳолда...

Умид онасидан яширганини дўстига тўкиб солди.
– Бир қиз бор, кўрмасам ўлиб қолай деяпман!..
– Ҳа, писмиқ! – деди Фарҳод кулиб. – Индамай юрган одамдан қўрқ, деганлари шу-да! Ким ўзи? Кўрсак бўладими? Жа-а, тилингдан бол томаяпти?
– Кўрсатишга кўрсатаман-у, кўз тегишидан қўрқаман. – Ҳаяжонини босолмади Умид. – Оппоқ, пахтадай! Ўзиям аллақайси замон аслзода сарой маликаларига ўхшайди!
– Йўғ-э! Аслзодалигини қаердан била қолдинг? – ўсмоқчилади Фарҳод.
– Юз-кўзи, гап-сўзи, юриш-туриши шундоққина айтиб турибди. Устозга қариндошлиги бор дейишди.
– Ў-ў, – дея туриб нафаси ичига тушиб кетди Фарҳоднинг. – Буёғи чатоқ, чато-оқ.
Умид чўчиб тушди.
– Нимаси чатоқ? – сўради сипо тортиб, жиддий.
– Баланд дорга осилма, бола! – деди Фарҳод ортиқча гапга ўрин йўқ деган мазмунда каттазанглик билан. – Баланд дорни нағмаси баланд бўлади. Сан билан биз жайдари одамлармиз, ука...

Телефон садо берди. Умид уни қулоғига тутди.
–Лаббай, ойи! – деб овоз берди у дарҳол. – Тинчликми?
–Тез қайтаман, дегандинг, ўғлим...
–Тўполон қилмаяптими? – сўради Умид хавотирланаётганини сездирмасликка уриниб.
–Икки марта ҳовлига чиқди, аланглай-аланглай... назаримда сени излади, Умид.
Умид учун бу яна бир янгилик эди. Ахир Опаси дарди тутган пайтда ҳеч ким билан гаплашмас, гаплашиш у ёқда турсин, инсон зотини кўрарга кўзи бўлмас, баъзан хонасига қамалиб олиб, кун ё тун бўйи қорасини кўрсатмас эди. Бу сафар...
– Ойи, – деди Умид бу ҳақда бафуржа ўйлаб олишни дилига тугиб, – яхшиси, унинг кўзига кўринманг, ўз ҳолига қўйинг, мен бориб, тезда қайтиб келишга ҳаракат қиламан.

Умиднинг ишга жойлашиши осон кўчмади. Лариса Латиповнанинг тегирмонидан бешикаст чиққач пича хотиржам тортди-ю, унинг натижаси бир неча кунгача мавҳумлигича қолаверди. Шундай кунларнинг бирида иттифоқо Устоз ҳузурига таклиф қилиб қолди. Умид ичкарида қандай саволларга жавоб бериши эҳтимоли борлигини ўйлаб, ҳаяжондан хаёлан неча тер босиб, неча кўчага кириб чиқди. Лекин Устоздек номдор раҳбарнинг ўзаро мулоқот асносида мутлақо оддий одамлардан фарқ қилмаслигини кўриб, бирдан хотиржам тортди, дадиллашди.
– Қизиғи шундаки, – Устоз кутилмаганда муддаога кўчди. Афтидан у на ўзи, на Умидга дахли бўлган мавзудан гап очгандек кўринди. – Дунёда одам деб аталган ғаройиб жондор бор, ука. Етти қават осмонни, етти қават ер-сув остини ўрганаман деб неча-неча умрларни зое кетказади-ю, ёнидагини билмайди, тушунмайди.
Умид нима деб гап қўшишини билмай Устоздан кўз узмай, унинг оғзига мўлтираб ўтираверди. Устоз ҳазиллашяптими-жиддий айтяптими – бунинг ҳам фарқига етмади. Устоз давом этди:
–Ёнидагини дебман, ўзини билмайди!.. – Устознинг товушига мутойиба аралаш зарда оҳанги қўшилгандек туюлди. Сўнг у ўйга толган кўйи, шунчаки аҳамиятсиз жўн гапни айтаётгандек бўшашиб илова қилди: – Ваҳоланки, ҳамма кузатувчи... ҳамма кузатилувчи...

Умид юмуши бўлса-бўлмаса оёғи қабулхона томон тортадиган, Котиба қизни бирров кўрмаса кўнгли жойига тушмайдиган, йўқ ердаги важлар билан уни гапга соладиган одат чиқарди. Ўзини шундай деса, қиз ҳам унга рўпара келди дегунча дув қизарадиган, унинг ҳурмати учун ўрнидан турадиган, кўзини олиб қочадиган, сутга чайилгандек сулув чеҳрасини яширмоқчидек хижолатланиб бошини эгиб оладиган бўлиб қолди.
Бир сафар Умид ёмон изза бўлди.
Тушлик пайти эди, Умид қабулхона бўсағасига етган жойида ичкаридан Котиба қиз чиқиб қолди.
– Тушлик бўлдими? – туйқус оғзига келган саволни берди Умид.
– Ҳамма тушликдаю, – деди Котиба қиз ўзини қўлга олиб.
– Мен ҳам...
Умид нега бундай деди, нима демоқчи эди – ёдида йўқ, аслида нима тўғрисида, қандай мавзуда бўлмасин Котиба қиз билан гаплашса бас, шунинг ўзидан маст эди у!
– Ишингиз бўлса... айтаверинг, – деди Котиба қиз, Умиднинг кўзига ер остидан нигоҳ ташлаб.
Умид шу гапни кутаётган эди, илтижоси худога етди, мана, қизнинг ўзи сўраб, айт-айтавер деб турибди! Умид ҳозироқ, ҳеч ким йўғида дилидагини шартта тилига кўчирса олам гулистон!.. Фақат, фақат... Умиднинг тили танглайига ёпишиб қолган, гапирай деса ғўлдираб, баттар шармандаси чиқиши муқаррар эди!..
Умиднинг оёғи ерга тегмаётгандек эди, у қанотга айланган қўлларини сал силкитса учиб кетадигандек эди. Шундай бир ҳолатда Котиба қизнинг навбатдаги сўзи Умидни тамом эс-ҳушидан айирди:
– Ўзингиз овқатланиб олинг...

Тўсатдан Устозга жон кирди. У узоқ тин олиб ухлаган одамдек қўл-оёқларини баралла чўзиб керишмоқчи эди, яйраб ҳаракатлана олмади, аъзои бадани қақшади, афти бужмайди, аччиқ ва алам аралаш оғир ва чўзиқ «Уҳ-ҳ!» тортди. Умид беморнинг туйқус қимирлашидан кўнглининг бир чеккасини умид учқунлари чарақлаб ёритган эса-да, чўчиб, хавотирга ҳам тушди. Унинг вужуди кўзга айланиб Устознинг ҳар бир ҳаракати, юз-кўз ифодасини назардан қочирмай кузатишга тутинди.

Умид опоқига, бораману бирров хабар олиб изимга қайтаман деб кўчага чиқди-ю, уйи томон жадал равона бўлар экан, кўнглидаги ғашлик баттар зўрайди. У бемор ётган равонни тарк этганида ўзини енгил ҳис қилгандек эди, бироқ бу енгиллик узоқ чўзилмади, назарида Устоз, йўқ, Устознинг назар-нигоҳи унинг изидан эргашиб чиққан, бирон лаҳза-бирон қадам ундан ортда қолмаётган эди. Қисқа фурсатда менга қаттиқ боғланиб қолдинг, деди Устоз Умидга маҳзун тикилиб, ўзимнинг ҳам сенга ихлосим баланд... Мақсуд қатори ўғлимсан, дедим... Умид қувончдан ўзини қўярга жой тополмай қолди... Энди Устознинг уни ўз ҳолига қўймаётган нигоҳлари унга малоллик туғдирмоқда... Устозга бўлган ҳурмати заррача сўнгани йўқ... Неча дафъа у қабулхона остонасидан қайтди, дам хизмат сафарида дейишди, дам зарур топшириқ билан бандлар деган жавобни айтишди. Умид етовсиз қолган бўтадек гангиб юрганди, иттифоқо Котиба оқибат кўрсатди!
– Домла мазалари йўқроқ... – Фақат Умид эшитадиган товушда шивирлаб деди у.
Умид бу совуқ хабардан анг-танг бўлиб қолган бўлса, унинг айтилиш тарзи, яъни Котибанинг ўзига сирдош тутган одамдек шивирлагани Умиднинг қалбидаги чўғни алангалатиб юборди. Демак, қизнинг кўнгли!.. Афсуски, қувончдан дўппини осмонга отиш ёки ипи узилган улоқдек ирғишлаш мавриди эмас, бунинг устига Умиднинг кўнгли аллақандай мавҳум бир хатарни туйгандек баданига муз югурди. Қизга ортиқ савол беролмай серрайганича туриб қолди.
– Икки марта хорижга бориб, катта мутахассисларга кўрсатиб келдилар...
«Тушунарли... « деган сўз Умиднинг кўксига жазиллатиб чизиқ тортди.
– Келадиларми?...
Умид шу саволни овоз чиқариб айтдими ёхуд дилидан тилига кўчирмадими – ёдида йўқ, фақат, ўша куннинг эртасига Котиба қиз шитоб билан юриб унинг хонасига кириб келганида минг бир хаёлда ўтирган Умид қотиб қолди, зумда шуурини қамраб олган қоп-қора гумон таъсирида юраги орқасига тортиб, ҳатто жойидан жилолмади ҳам.
– Сизни домла сўраяптилар, кирар экансиз, – деди Котиба ўктам бир товушда.
Шу топда Умид учун бундан қувончлироқ хушхабар йўқ эди. Ҳозиргина ўтакасини ёраёзган хавотирли ўй у ёқда турсин, аксинча Котибанинг овозидаги кечаги маҳзунлик, тушкунликдан асар қолма¬ганини сезиб, қувонганидан ҳатто қизни қучоқлаб олай деди.

Ҳақиқатда Азиз ич-ичидан тутақиб турса-да, ўзини жиловлай олишга одатланибди. Умид дўстини кузатиб ўтириб бунга яна бир карра иқрор бўлди.
– Дунёда энг қадрдон, жонажон дўстларим деб сенларга кўнглимни ёргандим, – деди Азиз маъюс тортгандек бўшашиб. – Дунё кенг, ақлли одамлар кўп, ўшаларни билиб қўйсаларинг, ҳар қалай...
– Билиб қўйишимиз учун бўлса, айтсанг айтавер, – деб унга шафқат қилгандек минғирлади Фарҳод.
Азиз Фарҳоднинг далдаси замиридаги қувликни илғамади, шу хаёлда у боя узилиб-нетиб қолган мулоҳазаларини келган жойидан давом эттиришга киришди:
– Ўша мен борган томонларда одамлар ҳаётда бирор мақсадни кўзладими, тамом, дунёдаги ҳамма нарсани унутади-ей! Нафақат ошна-оғайни, қариндош-уруғ, ота-она, ҳатто фарзандларидан ҳам кечворади. Керак бўлса, худони унутади!.. Энг муҳими, ҳеч ким буни айб санамайди. Ҳеч кимнинг ҳеч ким билан иши йўқ, сен нимага бундақ-анавундақ қиляпсан, деб биров бировга қайрилиб қарамайди. Ақл бовар қилмайдиган кашфиётлар, ақл бовар қилмайдиган ихтиролар, ақл бовар қилмайдиган... ишқилиб, осмондаги юлдузни уриб туширадиган рекордлар шунинг натижаси, меваси! Инсон зотининг эсини тескари қилиб юбораётган тараққиётнинг сири ҳам шунда!..
Орага зилдек жимлик чўкди.

Умид Опасининг дардига даво истаб дўхтирма-дўхтир юрди – бирор тайинли наф топмади, онаси шўрлик не-не илинжларда қатнамаган дуогўй-ю, қилмаган илми-амали қолмади, афсус, уларнинг ҳеч бири қизини бебахт қилган на кўзнинг, на суқнинг кучини қирқа олди. Икки-уч ҳафта, нари борса, тўртинчи ҳафта ўтарида Опасининг дарди ғалаён кўтариб қолар, девона ўйда нима қилади-нима қўяди – олдиндан билиб бўлмас, кундуз бўлса-кундузи, тунда бўлса-тун бўйи она ва ўғил ҳаловатдан воз кечишар, бемор лоақал ўзига шикаст етказиб қўймасин, кўча-кўйга чиқиб кетиб, йўқолиб-нетмасин, уй-пуйга ўт қўйиб юбор¬масин деган хавотирда уни бирон дақиқа ҳам назардан қочиришмас, Умиднинг қўлидаги васийлик, яъни пойлоқчилик васиқаси шунинг учун берилган эди.

Орада кўз илғамас нимадир юз берди, ўша нимадир Умиднинг қўл-оёғини, инон-ихтиёрини, хоҳиш-истакларини, ҳатто ўй-хаёлларини чандиб-чирмаб ташлади. Котиба қиз афтидан Умиднинг ичида юз бераётган ана шу нимадир воқеалардан воқифдек туюлар, лекин у ўзини ўта бепарво тутар, бу бепарволик Умиднинг кўнглида бош-кети кўринмас ғулғулаларни ғужғон ўйнатар, буни у гоҳ қизнинг аслзодалар тоифасидан эканлигига, гоҳ беҳад сулувлигига йўяр, баъзан эса... ўзининг оиласидаги шарт-шароитни ўйлаб ич-этини кемирар, борди-ю, таваккалига Умид юрагини ёргудай бўлса, Котиба қиз, «Сезиб юрибман Умид ака...» деб табассум ҳадя қилса хўп-хўп, ёки бўлмаса фалокат босиб, бутун жамоа ўртасида шармандасини чиқарса, уйида савдойи Опаси борлигини бетига солиб (ҳа, Лариса ялмоғиз буни қизга етказганига Умиднинг имони комил!), подумаешь, мен ундай хонадонга келин бўлиб тушмайман деса ким деган одам бўлади?! Шартта ичкарига кириб, ҳаммасини оқизмай-томизмай Устозга етказса-чи?! У ҳолда Умид қаёққа бош олиб қочади? Қайси бет билан Устознинг ҳузурига киради?..
Ҳар сафар шуларни ўйлаганида Умид хийла ҳушёр тортиб қолар, эзгин ўйларга чўмар, лекин қизнинг садафдек оппоқ манглайи, яноқ¬лари, бўйни... нозик бармоқларига кўзи тушганида тамом дунёни унутар, бу бармоқлар, бу яноқлар, бу кўзлар менга, фақат менгагина аталган деб жони жаҳони ўртаниб кетар, айниқса қадрдон сирдошдек ўзига яқин олиб гапиришлари аллақачон йигитнинг ҳушини ўғирлаган, ҳушига қўшиб кўнглидаги алмойи-алжойи ғулғулаларни тўзондек тўзитиб юборган, шу боис барча-барча шубҳа-гумонлардан қалбини забт этган муҳаббат алангаси устун чиқар ва осилсам, баланд дорга осиламан, дея билганидан қолмас эди...

Умид суҳбат кескин тус олиб кетишига йўл қўймаслик дардида дўст¬ларини чалғитиш учун Устоз ҳақида сўз очди. Устозининг ғалати-ғаройиб муносабатларини, у кишининг етовида етакчилигида бошлаётган ишини атайин эзмаланиб гапириб берди.
Бу гапларнинг Фарҳод учун янгилиги йўқ эди, шу боис у Умиднинг жигарини хун қилиб ҳикоя қилишига ортиқча эътибор бермади, Азиз эса Умиднинг гапларини жон қулоғи билан тинглади.
– Жуда қизиқ, – деди у бошини тебратиб. – Умид, мен сенларга уқдирмоқчи бўлаётган гап ҳам асли шунга яқин, илдизи бир!
– Йўғ-э! – деди Умид тушунмайроқ ва фавқулодда қизиқиши ортиб. – Қанақасига яқин бўлади? Устознинг фикрича, ҳамма ҳаммани кузатув остида тутиши бир ҳисобда яхши ва табиий бўлса, иккинчи ҳисобда... ҳали масаланинг бу томонини чуқурлаштириб улгурганимизча йўқ, лекин гап шундаки, ўзини муттасил ўзгаларнинг назари остида ҳис қилиш одамнинг эркини, ихтиёрини бўғади...
– Устозинг «одамни эркини, ихтиёрини бўғади» дебди, мен инсоннинг бутунлигини парчалайди деяпман. Ўша амма-тоғачиликлар, амаки-холачиликлар инсонни асосий ишидан, юмушидан чалғитади, майдалаштириб юборади, биз эса буларнинг барига одамгарчилик, қариндош-уруғчилик деб чиройли ном қўйиб олганмиз! Тўғрими, оғайни?! Бу одатларимизга юз йил муқаддам Қодирий «ошналикка қурбон бўлган халқ» деб қалампир боғлаб кетган!..

Ўзи алоҳида яшайдиган хонага ошхона жиҳозларини ташмалаб киритган Опаси пича муддат алланималарга унадими, овози чиқмади. Лекин бу жимлик узоққа чўзилмади. Капгирнинг даранглаб қозонга ури¬лиши эшитилди. Нимадир тарақлади. Опаси дам минғирлаб, дам шовқин кўтариб жаврашга тушди.
– Сан итга қараб қоган жойим йўқ! Ўзим бўлак рўзғор қиламан, туғаман. Боламга овқатлар пишириб бераман. Ҳу-у, ер ютсин, сенларни!
Умид онасининг имлашини кутмай айвонга чиқди. Оёғининг учида юриб Опаси кириб кетган хона эшигига яқинлашди. Ичкарига мўралади. Опаси ошхонада ишлатиладиган калта этакчани белига боғлаб олган, енгларини шимариб пичоқ билан сабзи тахтани боши узра кўтариб турарди.
Умид дарҳол ўзини четга олди. Бироқ Опаси унинг шарпасини сезиб улгурганди.
– Келдингми? Ичкарига кир, сўтак! Пишириб қўйипман, чапиллатиб е, ит!
Умид зина ёнида гўдак болаларча жонини ҳовучлаб ўзига савол назари билан мўлтираб турган онасини тинчлантирди:
– Ўт ёқмаяпти, ақли жойида.
– Жойида бўмай қолсин-а! Гугурти йўқми?
– Кўринмади... Узоққа чўзилмайди, ойи, ҳадемай қайтади, – деди Умид онасини юпантириб. – Сиз бу ерда пойлаб турманг, боринг, ишингизни қилаверинг, мен бирров Устоздан хабар олиб келаман.
– Пича кетмай тур, болам, бир балони бошлаб қолса мани кучим етмайди.
Умид майли деган маънода бош ирғади.

Умид Устозининг тепасида термилиб ўтириб, у киши айтган гаплари, маслаҳатлари, йўл-йўриқларини бирма-бир ўйлади, ўша гаплар, маслаҳатлар, йўл-йўриқлар ўзи учун доимо асқотишини, уларнинг бирортасини унутишга ҳаққи йўқлигини астойдил англаб етган эди. Бордию Устознинг аҳволи ўнгланмаса, шу ётиш у кишининг видо онларига айланса... Умид ҳувиллаган дунёда бир ўзи қолаётгандек, эндигина маъно-мазмун кириб бораётган ҳаёти баттар издан чиқадигандек, худди шунинг учун ҳам, қолаверса, Устозга бўлган ҳурмати, садоқати ҳаққи у кишининг руҳини шод қилиш йўли Устоз ўгитларини ёдда сақлаш, уларга риоя қилиш деб билаётганди.
Онаси-чи? Шўрлик, муштипар онасининг бирдан-бир суянчиғи – Умид. Ундан ўзга умиди йўқ кампирнинг. Ҳатто Опаси соппа-соғ юрган бехавотир кунларда ҳам онасининг дилидан хавотир аримайди. Қизининг дарди бедаволигидан худога зорини айтиб адо қилолмас, дарди қўзиган кунларда эса унинг ёнида бўлиш, уни қалтис хатти-ҳаракатлардан асрашга ҳоли-мажоли етмас... Онасининг шундай дамлардаги илтижоларга тўла қарашлари, назар-нигоҳлари Умидни узоқ кетишга йўл қўймас, Умид онаси ҳақида ҳам, Опаси ҳақида ҳам бирдек қайғуриш мажбу¬риятини зиммасидан соқит қилолмас эди.
Мана шундай хаёллар Умиднинг яшаш тарзини, ҳаётий мақсад-маслакларини белгилаб берган, ҳатто уйланиш зарурияти ҳам унинг учун шодумон янгиликдан кўра оддий мажбуриятдек туюлар эди.
Ҳаммаси Котиба қиз туфайли бузилди, пароканда бўлди. Котиба қизнинг назар-эътибори бошқа барча назар-эътиборлардан, мажбурияту заруриятлардан ошиб тушди.
Умид қўл-оёғи билан Котиба қизнинг сиртмоғига – инсоният азал-азал¬дан оддийгина қилиб атаб келаётган – муҳаббат сиртмоғига боғланди-қўйди.

Тонг отиб қолаёзганига қарамай Фарҳодникида қизигандан-қизиган суҳбат кўчада Умид билан Азиз ўртасида давом этди. Умид қилаётган ишлари, Устози ҳақида ҳаяжонланиб гапирди.
– Устозинг кексами? – сўради Азиз тўсатдан.
– Унчалик эмас... ёш ҳам эмас...
– Ёшидан қатъий назар ҳаётий тажрибаси катта, кузатувчан ва донишманд одам экан!
– Нега бундай хулосага келяпсан? – қизиқиб сўради Умид.
– Сенга тушунтиришга уринаётган мавзуни ҳар ким ҳам фаҳмлаб етавермайди, дўстим. Фаҳмлаган тақдирида ҳам унга илмий муаммо тусини кийгизиш жўн иш эмас...
– Азиз шундай деб туриб бирдан жим бўлиб қолди. Қоронғуда кўзи чарақлаб нимадандир мамнун бўлгани кўринди. У эҳтиросини жиловлашга уринмай бир нарса топиб олган одамдай ҳаяжонланиб сўради: – Домланг билан танишсак, бир суҳбатлашсак қандай бўларкан?!
Умид афсусланиб бош чайқади.
– Нега? Шунчалик катта раҳбарми?! Вақт ажратолмайдими?
– Бир оз мазаси йўқ... Соғайиб кетса, кейин ўйлашиб кўрамиз...
Азиз «Эҳ, аттанг!» дегандек бош қашиб қолди.
– Мен бўғилиб сен билан Фарҳодга уқдирмоқчи бўлган масала билан Устоз сенга тушунтираётган муаммо бир-биридан узоқ эмас! Жуда яқин! Қарийб битта нарса! Тушуняпсанми, Умид? Гап нима ҳақда бораёт¬ганини яхшилаб ўйлашиб олишимиз керак... Иложи бўлса, кўнглингга олмагин-у, Фарҳодсиз, икковимиз очиқ-ойдин суҳбатлашайлик. Хўпми, Умид? Бу ерда халқимизнинг умуман яшаш, фикрлаш тарзини ўзгартиришга доир муаммо бор! Билиб қўй, Устозинг жўн одам эмас, авлиё экан!..

Умид ориққина, бўйдор шифокор йигитни дастлаб яна уч нафар устоз шифокорлар билан йиғилишиб келишганида кўрган эди. Устозлар беморни, унинг хасталигига тааллуқли ёзув-чизувларни, дори қоғоз¬ларини синчиклаб кўздан кечиришди, ўзлари тушунадиган тилда ихчамгина машварат ўтказишди. Беозор ҳазил-ҳузуллар билан Устознинг кўнглини кўтаришди. Устоз ҳам бу қадар нуфузли эътибордан миннат¬дорлигини айтди. Пиравордида сочи кумушдай оқ, кекса шифокор бўйдор йигитни Устозга, опоқига таништирди.
– Бу укамиз орамизда нафақат бўйдорлиги билан, балки ёш ва билимли мутахассислиги билан ҳаммамиздан баланд. Кўряпсиз-а?
Устоз мийиғида кулимсиради. Кекса шифокор давом этди:
– Шу йигит биздан, Марказий шифохонадан ишончли вакил. Сиз шу йигитнинг назоратида бўласиз. Бу йигит эса бизнинг назоратимизда. Келишдикми?
Устоз овоз чиқармай миннатдор бош ирғади. Масала ҳал бўлди. Бўйдор йигит ўз уйига кириб чиққандек кунда-кунора Устоздан хабар олиб туришни канда қилмади.

Ўша – ўртада сукутдан бўлак ҳеч зоғ, ҳеч вақо йўқ сонияларда кўзларини катта-катта очиб ўзига тиккасига қараб турган Котиба қизнинг нигоҳи Умиднинг кўнглига шу қадар фароғат бағишладики, Умид руҳи енгил тортганини, сеҳрли меҳр-шафқат оғушига чўмган гўдакдек эркаланиб кетганини ҳис қилди.
Ҳозиргина елкасидан босиб қолган кўзга кўринмас залворли юк аста-секин сирғалиб туша бошлади, кўз ўнги тиниқлашди, назарида хона чаро¬ғонлашиб кетди, у қизнинг кўзида, қарашларида халоскор меҳрни туйди.
Бу ҳолат, бу манзара Умиднинг хотирасига ўчмас бўлиб муҳрланди-қолди. Энг мушкул вазиятларда ҳам ана шу меҳрли боқишдан нажот топди. Сутдек оппоқ чеҳра, меҳр-шафқатга лиммо-лим тим қора кўзлар, кейин ҳар сафар ўйлаганида Умид бу гўзал нигоҳлар тубида қандайдир мунислик, маъюслик пинҳон эканлигини сезди, шу билан бирга, қиз вужуд-вужудидан фавқулодда бир меҳрибонлик билан йигитнинг аҳволини ҳис қилгани, унинг жонига оро киргани, яна унга нажот, кўмак ва мадад бериш, суянчиқ бўлишга мойиллик кўрсатаётгани сезилиб турарди.
Телефон безовта садо берди. Умид унга кўз ташлади-ю, қулоғига тутди.
– Лаббай, ойи? – деди у онасининг гапини кутмай.
– Бир келиб кетгин, ўғлим. Уйини бир бало қилиб ташлаяпти, зўрайиб кетса, мен эплолмайман, болам...
– Хавотир олманг, кўзига кўринманг. Бир сафар уни ўз ҳолига қўяйлик, ойи. Қайтага яхши бўлади, хўп денг. Салдан кейин бораман.
Умид шундай деб телефонни ўчирганида онаси гапини тугат¬маган эди.

Икки кун бурун шекилли кечки овқатдан сўнг Опаси дастурхонни йиғиштириб, идиш-товоқларни дасталаганича ошхонага кириб, уларни ювишга тутинди. Умид ғира-шира қоронғилик чўкаётган ҳовлида хаёлга толган, дам яккам-дуккам милтираб кўзга ташлана бошлаган юлдузларга, дам кўз ўнгида бетартиб ўсган дарахт шохларига разм солар, бир замонлар раҳматли отаси даврида амал-тақал қурилиб қолган уй-жойнинг «мункиллаган» қоматига қараб уларни қайтадан бунёд этишни дилига тугар... дарҳақиқат, агар тўй бошланиб қолса, йўқ, дастлаб агар Котиба қиз розилик берса... Умиднинг назарида Котибанинг майли йўқ эмас, у қанчалик сездирмасликка уринмасин буни Умид пайқаб турибди, фақат қиз хоҳишини, йигит эса пайқаб турганини дангалига тилига кўчирол¬маяпти, холос. Шундай экан, ҳаммадан бурун Котиба Умиднинг хонадо¬нидаги аҳволдан хабар топса, ундан сўнг розилигини билдирса, шундан сўнг совчилар, тўйолди борди-келдилар жой-жойига қўйилса, ана ўшандан кейин, ўша кезларда шу уй-жойни бир кўтариб ташлаб, қайта қурса, келин тушадиган уйнинг қадди тикроқ қурилса, ахир яшайдиган, келди-кетдилар бўладиган тураржой кимсан Котиба қизнинг ҳусни-таровати, аслзодалиги... қадди-қоматига муносиб бўлмоғи керак!.. Котиба қиз келин бўлиб шу ҳовлида елиб-югуриб юрса, дам сайин Умид ака дея тилидан бол томса, оқшом чоғлари ошхонадаги юмушларни ўзидан орттирмай, Опаси бундай юмушларга қўл урмаса!..
– Ҳа, Уми-ид...
Умид чўчиб тушди. У ошхона томондан идишларнинг бир-бирига урилганидан чиқаётган шақир-шуқурлари тиниб-тинчиб қолганига ҳам, ошхона эшиги ғичирлаб очилганига ҳам эътибор бермаган, эшитмаган ҳам, ҳатто ошхонадан чиқиб ёнгинасига келиб қолган Опасининг шарпасини сезмаган ҳам эди.
Опаси унга ниҳоятда меҳрибон, эътиборли эди.
– Нималарни ўйлайдиган бўлиб қолдинг, Умид? – оҳиста сўради Опаси.
Умид кулди, лекин кулгиси зўрма-зўраки чиққанини яширолмади. У Опасига ҳеч қандай устамонлик ёқмаслигини яхши биларди. Афсуски, бу сафар у сир бой бермаслик эпини қилолмади.
– Бирор ўйда юрган бўлсанг, айт, – деди Опаси. Шундай деди-ю, қизариб-бўзариб ўзи ҳам укасининг бетига қаролмай маслаҳат берган бўлди: – Менга айтмасанг, ойимга айт. Чораси топилади...
– Нега сизга айтмас эканман, опа? – шошиб деди Умид. – Ойимга ҳам, сизга ҳам айтавераман... Ҳозир, нимани ҳам айтардим?.. Зарурат ту¬ғилса, айтмай нима қиламан?..
– Майли, ўзинг биласан... Опаси укасининг кўзига қарамасликка уриниб, гуноҳкорона оҳангда шундай деди.

Умид бўйдор шифокор йигит билан кўзтаниш бўлиб қолди. Бир сафар келганида дўхтир йигит аёлларникидек узун-узун ва нозик бармоқларини Устознинг билак томирига оҳиста боса туриб, соатига термилганича ўй суриб қолди, сўнг асбоб-анжомлари ёрдамида беморнинг кўкрак қафасига қулоқ тутди, сўнг алланималарни чамалади шекилли, жома¬дончасидан узун қорамтир елим ичак чиқарди. Унинг қандай муолажа воситаси эканига ақли етмай турган Умид савол назари билан дам шифокор йигитга, дам Устозга анграйди. Устоз мийиғида кулимсираб, бошини хам қилди.
– Билимдон кишилар анча таъсирчан бўлишади, – деди шифокор йигит қорамтир резина ичакни ҳозирлаётиб, беморга далда берар экан. – Биринчи, иккинчи сафар салгина қийналдингиз, холос. Энди анча кўникиб қолдийз, тўғрими?
Устоз ориқлаб кетган қоқсуяк оёқларини каравотдан осилтириб ўтирган кўйи тақдирга тан бергандек бошини сомеъларча силкиди.
– Бу матоҳни икки қайта ютдим, – деди сўнгра синиқ жилмайиб, – ошқозон-ичакни ёритса ёритгандиру илло, ичим ёришганини сезмадим...

Котиба қиз билан юзма-юз келиш, у билан бир дам суҳбат қуриш Умид учун шодиёнага айланди. У қабулхона томон қандай бориб қолганини, қизни кўрган заҳоти оғзига келган гапни қай тарзда айтиб юборганини ўзи ҳам билмай қолар, назарида йигитнинг бу тахлит саросимага тушиши Котибага ҳам ёқаётгандек, қизнинг ўзи ҳам Умид¬нинг кириб келишига илҳақдек туюлаётган эди.
Аксига олиб кечагинда Умид не умид ва журъатлар билан қабулхонага етиб борди-ю, бекорчиликдан ичкарида гап сотиб ўтирган Лариса Латиповнага кўзи тушиб, капалаги учиб кетди. Йўқ, Умид ҳужжатхона бекасининг ўзидан эмас, у Умиднинг Опаси ва у билан боғлиқ васиқа ҳақида Котиба қизга гуллаб улгурган деган ўйда таъби айниди. «Наҳотки, етказган бўлса?!» Умиднинг қўл-оёғи бўшашди. Манглайида зера-зера совуқ тер томчилари пайдо бўлганини сезди. Вужуди қақшади. Бироқ сир бой бермасликдан бошқа иложи йўқлигини ҳам зудлик билан тушуниб етди.
– Келинг, – деди оҳиста Котиба қиз. У шундай деб бирров кўз қирини ташлаб, йигитдаги ғалати ўзгаришни сезди. Овозини янада мулойим¬лаштирди:
– Келинг, кираверинг...
Умид салом бердими-йўқми, эслай олмади, лекин Лариса Латиповна бош ирғаб қўйди. Қайтиб Умиднинг тили айланмади. Ранги қум ўчди. Биринчи бўлиб Котиба қиз ўзини қўлга олди.
– Домла ҳали келмагандилар, – деди у совуққонлик билан. – Кечроқ келмоқчи эдилар...
Шу бир оғиз лутф Умид учун ҳалоскорлик вазифасини ўтади. Унинг нигоҳида Котиба қизга миннатдорлик изҳори лиммо-лим эди. У ўзини алланима ўқиб ўтиргандек кўрсатаётган Лариса Латиповнага зимдан назар ташлади, Устознинг гапини эслади-да, «шу ерда ҳам хизматини ўтаяпти» деб ичида хотин шўрликнинг шаънини бўралатиб «бежади»...

Умид эшикка етай деган жойида Устоз тўсатдан ёдига тушиб қолган гапни айтаётгандек уни тўхтатди.
– Дарвоқе, – деди у ярим жиддий-ярим истеҳзоли табассум билан, – Латиповнанинг муомаласидан ранжиманг. Унинг вазифаси шундай, яъни ҳужжатхона раҳбари сифатида ҳар бир ходимнинг ҳаётига доир маълумотларни алоҳида дафтарга тиркаб қўяди. Билмаган нарсаси йўқ.
«Опамнинг касаллигини, манга васийлик васиқаси расман берил¬ганини шу ялмоғиз етказган» деган хаёл кечди Умиднинг кўнглидан.
– У кишидан раҳбарлар талаб қилишар экан-да, – деди у ўйламай-нетмай ва бу сўзи Устозга иддао бўлиб ботишини кечикиб пайқади.
Устоз мийиғида кулди. Нимадир демоқчи, ёш ва умидли шогирдига нималарнидир очилиб-сочилиб тушунтирмоқ учун оғиз жуфтлади-ю, ўзининг раҳбарлигини эслаб қолдими ёхуд бошқа истиҳолага бордими, гапни қисқа қилди:
– Латиповна тушмагур аломат аёл... Қўл остимда ишлайди-ю, баъзан менга ҳам бўйсунмайди баччағар!.. Оғзимдан чиққан ҳар бир гапни... неча марта йўталишимгача ёзиб юради. Вазифаси шундай дедим-ку...

Умид уйи томон жадал борар экан, йўл-йўлакай Онасини ҳам, Опасини ҳам, Устозу Фарҳод билан Азиз дўстини ҳам эмас, Котиба қизни ўйлаб кетди. Шу кунларда у ҳеч ким ва ҳеч нарса ҳақида эмас, фақат Котиба ҳақида ўй суришдан кўнгли таърифлаб бўлмас ором олар, Котиба ҳақида хаёл суриш, у билан хаёлан суҳбатлар қуриш унинг учун жон сақлайдиган руҳий бошпанага айланган эди.
Аксига олиб ҳар қандай одам билан (ҳатто Устоз билан ҳам!) дарҳол тил топишиб кетадиган Умид Котибага келганда гунг-соқовга айланар, унга рўпара келди дегунча ўйлаб келаётганларини унутар, бахтига Котиба қиз тортинчоқлик қилса-да, унинг бийрон жавобидан кўнгли равшан тортар, қайси мавзуда суҳбатлашмасин Умиднинг назарида севги-муҳаббат ҳақида сирлашаётгандек, бу тариқа савол-жавоблар муқаррар икки дил розилигининг ифодасига айланаётгандек туюлар эди. Ҳатто Котиба қизнинг бошқалар билан мулойим гаплашишлари ҳам Умидга аталгандек туюларди.

Икки ҳафта бурун тўсатдан Азиз қўнғироқ қилиб қолди.
– Умид, ярим соат вақтим бор, – деди дабдурустдан.
– Нима, келмоқчимисан? – сўради Умид.
– Бораман, кўришайлик...
Умид кўчага чиқар-чиқмас Азиз етиб келди. Чоққина хиёбон кимсасиз, бу икки сирдош суҳбатдош учун айни муддао эди.
– Умид, дўстим, гапларимга диққат билан қулоқ сол. Мен бу нарсани ўша ёқларда юриб-кўриб, роса ўйладим. Кимга, нима деб айтишни мўлжаллай-мўлжаллай, ниҳоят, сен билан Фарҳоддан ишончлироқ одам топмадим. Афсуски, Фарҳод тушунгиси ҳам келмаяпти.
– Фақат Фарҳод эмас, ҳар қандай одам ҳам дабдурустдан тушун¬майди, тушунса-да, ҳазм қилолмайди бундай фикрларни, Азиз, – деди Умид дўстининг кўнглини кўтариб. – Бундай гаплар ётиғи билан, арқонни узун ташлаб, бир чимдим-икки чимдим тушунтирилмаса, Фарҳоднинг жиғибийрон бўлгани ҳолва, сени душманга, мияси айниб қолган девонага чиқаришлари ҳам ҳеч гапмас!
– Тушунтирмоқчи бўлганларим шунчалик хом, ғўр, ахмоқонами, Умид?! Шундай дегин, қайтиб оғзимни очмай!.. Сен ҳам, одамларимиз ҳам эски ҳаммом-эски тос яшайверсин. Лекин шуни билиб қўй, оғайни, дунё эндиликда сермулоҳазакорликдан, ётиғи билан, арқонни узун ташлаб қўйиб кун кўришдан воз кечган, юз ўгирган! Тезлик, шиддат дунёни ютиб юборай деяпти!.. Наҳотки, жоним ачишганидан шу гапларни кўтариб келганим – ниятим яхшилиги сезилмаётган бўлса, оғайни?! Арқонни узун ташлаб ўйчи ўйига етгунича анавилар арқонингни минг жойидан қирқиб, ишини битириб кетяпти. Шунинг учун ҳам дунё ўшаларнинг қўлида, тушуняпсанми?!

Устоз эндигина кўчага чиқолмай ётиб қолган кезлар эди. Умид неча сафар келиб, Устознинг оғзини пойлади, лекин Устоз у кутган мавзудан сўз очмади. Умид атайин сўрашга ботинмаган кунларнинг бирида ниҳоят Устоз гапни узоқдан бошлаб муддаога кўчди.
– Умиджон, – деди у каравот қирғоғида оёғини осилтириб ўтирган кўйи тиззалари узра бош эгиб. – Ниятлар катта эди...
Негадир Устоз Умиддан узр сўраётган оҳангда гап бошлади, бироқ у дарҳол жим бўлди. Чамаси у иккиланаётгандек, фикрининг давомини охиригача айтмасликка қарор қилгандек эди.Умид ичида «гапирсин-да, ишқилиб» деган илтижода вужуди қулоққа айланди. Хайрият, илтижосини худо Устознинг кўнглига солди, уни гапиришга ундади. Ундабгина қолмай, энди у пича тайсаллангани демаса, сўнг хасталигини ҳам унутиб, кутилмаган шиддат билан сўзлай кетди:
– Кўп ўйладим... Сиз билан танишганимда шу ишга муносиб, яъни мавзубоп одам топилганидан севиниб кетдим. Афсусландим ҳам... Фақат, биласанми, бу муаммо одамзодни бошини шунақаям қотирадики ҳали!.. Инсоният ўзини ўзи боши берк кўчага тиқади.
Устоз пича нафас ростлаб олгач, овози бардамлашиб сўзида давом этди:
– Қизиқ-да, ҳамма ҳаммани кузатади, демак, ҳамма томонидан куза¬тилади! Шу тўғрими? Мутлоқ тўғрими, Умид?.. Ҳозир одамзод шу таомил измида яшайверади, шу мақсадда, яъни бировларни кузатишга қара¬тилган минг бир хил хийла-найрангларни ўйлаб топади, ақл бовар қилмас асбоб-ускуналарни ихтиро қилаверади, бироқ, шуни унутма, ўғлим, бу таомилдан воз кечган қавм ҳам кўпайгандан-кўпайиб бормоқда ер юзида. Бировларни кузатувчи, қай гўрдаги кимсалар томонидан кузатилувчи бўлиб юришдан қутилишнинг ягона чораси бор. Бу – ўзини ўзи кузатиш!.. Иймон билан, диёнат билан кузатиш!.. Инсон ақлининг кемтиклиги шундаки, ҳарчанд кузатма, миллиард кузатувчини жам қилма, бир одам¬ни тўкис тушунолмай овора бўласан!..
Умид Устознинг сўзини бўлмади, унинг жўшиб, ҳаяжонланиб гапира¬ётганидан завқланиб, Устоздан кўз узмади.
– Эҳтимол, – деди Устоз бир оз шаштидан тушиб, – кузатишни бас қилиш керакдир? Шу борада одилона, оқилона яшаш тарзини жорий этаётганлар йўқ эмас... Одамлари кузатув остига олинмайдиган, одамлари энг инсоний фазилатлари измида яшайдиган жамият қуришнинг иложи топилади...
   Устоз ўрнидан азот туриб олганини, ҳолсизликдан чайқалиб кетмаслик учун тиззалари билан каравотнинг чеккасига суяниб турганини Умид кейин пайқади, у ҳам ўрнидан турди, Устознинг билагидан тутди.
– Бош қотиб қолди... Балки... бу муаммони қўзғаб одамзотни бошини қотирмаслик керакдир?.. Мавриди билан бўлар, ёки...
Умид хаёлан боши берк кўчага кириб қолди. Нима бу? Устознинг навбатдаги таги зил ҳазилими? Ёхуд, наҳотки у жиддий гапираётган бўлса?! Ёки шогирдини синамоқчими?..
– Тўғри, масаланинг бош-адоғи йўқ, – деди Умид, – уни тугал қамраб олиш ҳам мушкул, эҳтимол, имкон қадар шуғулланиб юрилса, вақт-соати етиб...
Аранг қад ростлаб турган Устознинг қўл-оёғи қалтиради, у жон ҳолатда Умиднинг билагини чангаллади. Умид авайлаб бемор ўрнига ётиб олишига кўмаклашди. Оғир-оғир нафас ростлаётган Устоз кўзларини юмиб олган, ранги қум ўчган, пешонасида совуқ тер томчилари пайдо бўлган эди. Умид беморни безовта қилиб қўйганидан хижолат тортиб, уни ўз ҳолига қолдириш ниятида оҳиста юриб равондан чиқаётганида кутилмаганда узоқдан Устознинг хаста товуши базўр эшитилди:
– Вақт-соати етганга ўхшаяпти, уф-ф...

Ўғлига муносиб қайлиқ излаш ташвишидан қутилиб, анчагина енгил тортган Умиднинг онаси энди ўғлининг оғзини пойлаб тоқати тоқ бўла бошлади. Умиддан эса садо чиқмас, аксинча ҳар қачонгидан кам гапира¬диган, нуқул ўй-хаёлга ғарқ бўлиб юрадиган қилиқ чиқарди. Унинг ҳардамхаёллигини онаси ўзича тушунди.
– Опангни Чуқурсойдаги баннисага ётқизсакмикан, нима дейсан?
– Нега энди ётқизишимиз керак? Тағин Чуқурсойга дейсиз. Биласиз-ку, у ерда соғ одамми жинни қилишади!..
– Айтаман-да... – деди онаси енгининг учи билан ҳали ёшланиб улгурмаган кўзларини артиб. – Одамлар гап қилади-да, анувнақа Опаси бор деса, қизини бераман деганлар ҳам ўйлашиб қолади.
Умид онасини юпатди.
– Ўйлашиб қолмайдигани топилади, ойи, – деди у онасини бағрига тортиб елкасидан қучар экан. – Опам тузалади, мен ишонаман, ойи, қараб туринг, тузалиб кетади. Опам, биласиз-ку, жуда кўнгилчан одам, фақат унда-мунда асабийлашиб, ўзини бошқаролмай қоляпти, холос. Шунга қарамай, кўнглим сезяпти – Опам соғайиб кетади, ойи.
Умиди узилмаган одамнинг жони ҳам узилмайди, деган эди Устоз. Бу гап Умиднинг сира хотирасидан ўчмас, айниқса қийин дамларда шу гап унга далда берар, уни эслагани, ичида такрорлагани сари вужудига куч-қувват оқиб кираётгандек ҳис қиларди ўзини.
Шу топда у ўзидаги ана шу ишонч ва умидворлик туйғуси қандай бўлмасин Устозга кўчиб ўтишини жуда-жуда истар, шунинг иложини топса шифокор йигитнинг ашқол-дашқолларига ҳам ҳожат қолмас эди. «Умиди узилмаган одамнинг... Умиди узилмаган одамнинг... Умиди узилмаган одамнинг...» Умид шу гапни бир неча бор Устознинг қулоғига энгашиб такрорлади, ҳадемай, мана, ҳозир у киши кўзини очади, баралла очиб унга қарайди, «Ҳа, ўғлим, ўтирибсизми?» деб сўрайди. Умид шунга ишонади, Устоз кўзини очган заҳоти унга танбеҳ беради – «Уст-бошингизга қараб қўйинг, йигит» дейди. Аввалига Устози тушунмайди, ҳайрон бўлади, шунда бирдан фикри тиниқлашади, хотираси жонланади, қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборади. «Оббо, Умидвой-ей, мени бопладингиз-ку!» деб елкаларини силкита-силкита кулади, кулгани сайин вужудини ишғол қилган дард тўкилиб-тўкилиб кетади!.. Умид бунга ишонади!..

Телефон нағма қилди. Умид уни қўлга олди.
– Топдингми? – шивирлаб сўради Умид дўсти гап бошлашини кутмай.
– Топилмаганига қўймадим, топдим! – Фарҳоднинг овозида ғолибона кўтаринкилик сезилиб турарди. – Астойдил киришдим-да ўзиям! Қаловини топсанг – илонни инидан суғуриб чиқарасан, ука!
– Уйингда ўтирган жойингда изқуварлик қилибсан-да? Қойил!
– Хуллас, аллақандай ҳужжати тайёр бўлмаган экан, аллақайси идора раҳбарининг қабулхонасида қон бўлиб кутиб ўтирганакан. Ўша ҳужжати бут бўлмаса, самолётга чиқармас экан.
– Самолётга чиқадиган ҳужжати шу кунгача битмабдими? Ол-а!..
– Уйида қариндош-уруғи тўпланиб ўтиришибди. Ҳаммалари хайрлашиш учун келишган акам билан.
Умид Фарҳоднинг кесатишга ўтганини сезиб, жиддийлашди.
– Фарҳод, мен бу ердан чиққач, бирров уйга кириб ўтаман, ўзинг тушунасан-ку...
Фарҳод тушунди.
– Майли, бемалол кириб чиқавер, хотиржам бўлиб, кейин борарсан. Унгача, мен ҳам улфатлардан бирига учрашиб келаман.
– Бугун улфатчилик йўқ эди, шекил?
– Зарур иш чиқиб қолди, Азиз билан боғлиқ!..

Азизнинг жонини жабборга бериб бўғилишларими ёки юз йил муқаддам айтилган «қалампир» гапми – Фарҳодга бошқача таъсир қилди. Тўсатдан у Азизнинг оғзидан чиққанини маъқуллашга тушиб кетди.
– Азизтой, қадрдоним, – деди у дона-дона гапириб, – ҳамма ҳаммага хўжайинми, хўжайин эмасми ёки боши оғримаган Умид айтмоқчи, ҳамма кузатувчими-кузатилувчими – ўзбекча қилиб айтганда, булар қариндош-уруғчилик, маҳалла-кўйчилик, ошна-оғайнигарчилик, амма-холачилик деб аталади. Бу одат оиладан, гўдакликдан бошланади. Бола туғилганидан ота-онаси учун – бола, гўдак! Элликни, борингки, юзни уриб қўйсаям, ота-онанинг измида.
– Ота-она – кузатувчи, ўғил-қиз – кузатилувчи, – илова қилди Умид.
– Кўчага чиқди дегунча қўни-қўшни, маҳалла-кўй – кузатувчи, одамлар – кузатилувчи!
– Қариндош-уруғ, ёру биродар – кузатувчи!
– Бозорда паттачи, налогчи – назоратчи, бизга ўхшаш бозорчилар – кузатилувчи!
– Ишхонада раҳбар – кузатувчи, ходимлар – кузатилувчи!
– Лариса Латиповналар – кузатувчи, бошқа ҳамма – кузатилувчи!..
– Ҳаддиларингдан ошмаларинг, санайверсаларинг, баракаси учади, – деди Фарҳод сўз ўйинига киришиб кетган дўстларини тартибга чақириб. – Кузатувчининг додалари бозорда! Илло, бозордан гап оча кўрма! Бозор ҳангамаларидан бошласам бугун тонг отмайди, оғайни! Так что, бозорда нон топиб юрганларга осон тутмаларинг!..
– Энг осони ва маъқули– қонунга биноан ишлаш, ҳеч кимдан, ҳеч қандай текшир-текширу кузатув-музатувдан чўчимай ишлайверасан.
Фарҳоднинг очиқчасига энсаси қотди, у Азизнинг бу гапини эшит¬магандай бақрайиб ўтираверди. Умид Фарҳоднинг таъби тирриқ¬лашаётганини пайқади, Азиз оғиз жуфтлаганини кўриб туриб, қўл кўтариб уни гапиртирмади. Ўзи гапирди:
– Қонун – кузатувчи, одамлар – кузатилувчи!
– Ҳаддингдан ошма, қонунга тил теккизма дедим, – Фарҳод жиддий¬лашиб, ҳазил-мутойибага чек қўйди. – Аслида қонун одамларни текши¬риш учун ўйлаб топилган нарса!.. Биз бозорчилар қонундан эмас, қонунни рўкач қилиб керувчидан ҳайиқамиз. Ишқилиб, нимани восита қилмасин кузатувчи ўзини кузатилувчидан зўр деб билади. Бу ерда мен ҳукмрон, деган, ўйда юради у.
– Ҳозир учовимиз санаб ўтган кузатилувчилар бор-ку, – дея гап бошлади Умид, ҳазилни бас қилиб. – Ўшаларнинг зиммасида айни вақтда кузатувчилик вазифаси, бурчи, миссияси ҳам бўлади. Фақат доим кузатув остида яшайдиган одам палағда одамга айланади, ундайлар ўзгаларни кузатув остига олишга ярамайди. Қарабсанки, ўзи қисиниб юрган одам бировни назорат остига олиш у ёқда турсин, ўзи қисиниб нафас олади, қисиниб гапиради. Ўйлови қисинган одамнинг ўзи эркин бўлолмайди, қисинган бўлади унақа одам.

Устоз ҳолдан тойиб ўтирган ҳолида ҳам ўзига хос тагдор мутойиба топишга ҳаракат қилди.
– Тараққиётнинг шарофати, – деди у беҳол ва синиқ жилмайиб, – сочингдан оёғингача кузатувда... Ичингга чироқ ёқиб кузатадиган асбоб топишганидан кейин уёғини асти қўявер!..
Устознинг ҳазили тагидаги «зил»га шифокор йигитнинг фаҳми етмади.
– Учига чироқ ўрнатилган ичакни ютганингизда ичингиз ёришган-у, ўзингиз сезмагансиз. – Шундай деб шифокор йигит муолажани сама¬рали йўлга қўйишда касалликни аниқлаштириб олишнинг аҳамияти ҳақида гапга тушиб кетди. Чамаси шу билан у тиббиётнинг тараққий топганлигидан, шифокорларнинг илми амали ошганлигидан нах уриб беморнинг руҳини кўтаришга уринаётганди. – Бу ҳали ҳолва. Ҳозир клиникамизга янаям замонавий ускуналар келтирилган, домла розилик берсалар, раҳбарларга айтиб, уларни ҳам опкелтирамиз. Инсоннинг баданида қанча аъзо бўлса, уларнинг ҳар бири қандай ишлаяпти, ўз вазифасини қанчалик тўғри ва тўла-тўкис бажаряпти – ҳаммасини экран¬да кўрсатади. Так что...
Устознинг беҳол-бемажол гавдаси узоқ ва унсиз силкиниб турди, у киши ич-ичидан қуйилиб чиқаётган кулгини босолмаётган, бу ҳол лаҳза сайин уни баттар ҳолдан тойдираётгани кўриниб турарди. Ниҳоят, беморнинг мадори қолмади ва у оҳиста ёнбошлаб ётиб олди. Умид чўк тушганча беморнинг елкаларидан авайлабгина тутиб, унинг ўрнашиб ётиб олишига кўмаклашди. Устоз жиддий тортди. Кўзини ғира-шира очиб, Умидни имлади. Умид қулоғини Устозга яқинлаштирди.
– Уст-бошингга ҳам... ичингга ҳам ўзинг кўз-қулоқ бўлиб юр, болам...
Умид бир нарса эсига тушди чоғи, ўрнидан туриб бориб дераза токчасидаги газета тўпламидан биттасини олиб, варақлашга тушди.
– Бугун ўқидим, – деди у ҳам Устозга, ҳам шифокор йигитга бир йўла мурожаат қилиб. Сўнг газетанинг керакли саҳифасини очди-да, ўқишга тутинди: «Кишиларнинг саломатлигини сақлаш, хавфсизлигини ҳамда жамоат ҳаловатини таъминлаш мақсадларида яратилган турли хил кузатув асбобларидан кенг фойдаланилади, бироқ Ғарбда бу каби ускуналардан айғоқчилик ва бошқа мақсадларда ҳам унумли фойдаланиш кўпчиликка маълум ҳақиқатдир».
Устоз шогирдига ялт этиб қаради.
– Сиз одамларнинг одамлар томонидан кузатилишини, умуман инсон кузатувчи ва кузатилувчи мавжудот–махлуқ эканлигини ўрганмоқчисиз, кузатишда фойдаланиладиган замонавий ускуналарнинг ривожланиб кетгани эса, эҳ-ҳе-е, алоҳида мавзу.
– Тўғри, – деди Умид бош ирғаб. – Буларнинг Ғарбда янгилиги қолмаган, биздаги газеталар эса ҳаммадан кейин худди янгилик топгандек кўчириб босишади.

Умид Устоздан эшитганларини ўзиникига қўшиб-чатиб гапиришга одатланган эди. Ўйлай-ўйлай Устоз уни шогирдликка танлаб, ўғлидек кўргани сабабини ҳам ўзича талқин қилди. Ахир Устоз унга тақдим этаётган мавзу, муаммо Умиднинг бошидан ўтяпти-ку?! Бундан чиқди, Устоз Умиднинг турмуш шароитини ҳам, уйидаги аҳволдан тортиб унинг феъл-атворигача обдон ўрганган, шундан сўнггина унга шу мавзуни раво кўрган. Умид ичида яна бир бор Устозга тан бериб, бош чайқади... Устознинг назари кўз ўнгидан кетмайдиган бўлиб қолди... Қачон, қаерда ва қай алфозда бўлмасин онасининг маъюс ва дардчил назаридан ҳоли қололмайди. У қўлига тутқазиб қўйилган васийлик паттасида белгиланган шартларга сўзсиз риоя қилади, муштипар онаизорининг «Опангга кўз-қулоқ бўл, болам» деган илтижолари қулоғининг остидан кетмайди, ўзи гарчи Опасига изма-из, қадам-бақадам пойлоқчилик қилса-да, хаёлининг бир чеккасида Опаси уни назардан қочирмаётгандек туюлади. Бошқалар билан ишим йўқ деб ўйлар эди Умид, шу ақидада у ҳеч ким билан апоқ-чапоқлашмас, ошна-оғайниларини кўпайтирмас, борларини ҳам уйига бошлаб келмас, уни сўраб эшик қоқиб келадиганлар ҳам деярли йўқ эди. Фақат кейинги пайтда Устозга қаттиқ боғлангани демаса!..
Аввалига Устознинг «таъқиб» этиши Умидга малол келди, малол ҳам эмас, уни ўйлагани сайин Умид ўзини қўярга жой тополмай қолар, ўнғайсизланар, лекин Устознинг унга кўрсатган меҳрибончилиги боис шекилли кўп ўтмай Устозни ўйламай юриш ғалати туюладиган бўлиб қолди. Лекин орада Котиба қизнинг пайдо бўлиши ҳамма нарсани, Умиднинг хаёл дунёсини остин-устун қилиб юборди.
– Бизда ҳамма ҳамманинг назарида... – деди ўйчан бир алфозда Умид.
Азиз ҳам ўз хаёлларига андармон эди.
– Аслида бу ёмон нарса эмас, – деди у, – ҳамма ҳамманинг назарида яшаш бир томондан яхши ва тўғри ҳам, фақат...
– Нима, фақат? – кўзини лўқ қилиб савол ташлади Фарҳод.
Азиз Фарҳоднинг иддаосига эътибор қилмай сўзида давом этди:
– Фақат одамлар нима деркин, мени таниган-нетганлар қилаётган ишимга, юриш-туришимга қандай баҳо бераркин деган ўй, хавотир, ҳадик одамни ўз ҳолига қўймайди, эмин-эркин юришига, ўзига ўзи хўжайин бўлишига тўсқинлик қилади, охир-оқибат бундай ҳаёт тарзи одамнинг фикрига, ўйларига кишан солади. Дунё миқёсида олсак... у томонларда who is who... кимнинг ким эканлиги билан ҳеч кимнинг иши йўқ... сен ёлғизсан, одамлар уммони ичида эсон-омон қолишнинг бирдан-бир чораси – кучли ва мустақил инсон бўлиб етишиш!.. Нимага қодир бўлсанг, марҳамат, ўшанга эришгин-да, машҳурлик гаштини ҳам суравер, ақчангни ҳам қурутдек санаб ол-да, қандингни ур!.. Биздаги одатлар эса тараққиёт йўлида югуриб бораётган одамнинг оёғига сиртмоқ илдиришдек гап! Фалончи менга эътибор қиляптими? Пистончи нима дейди? деб минг ёққа аланг-жаланг қилгунча бошқалар ишини битириб, дунёни жиғилдонидан ўтказиб юборяпти!
– Назар-эътибордан ҳоли қолиш керак демоқчисан-да, шундайми?
– Назар-эътиборга учмаслик, унга алданмаслик, ундан ҳайиқ¬мас¬ликка одатлантиришимиз керак, одамларимизни!
– Буни нимадан бошлаш керак, Азиз? – савол қотди Умид. – Бошқаларни қўя турайлик, ўзинг шундай яшай оласанми?
– Яшай оламан! Яшаяпман ҳам! Шундай яшасам ва ўзим дилимга тугиб қўйган, кўзлаган энг катта натижаларга эришсам одамларга, сизлар қайғусини чекаётган одамларимизга сен билан Фарҳод ёпишиб олган, ҳаётларингни бағишлаган одамгарчиликлардан кўра кўпроқ нафим, фойдам тегишига ишонаман. Нимадан бошлашга келсак, бугун мен айтсам ва сен тушунсанг, эртага Фарҳод англаб етса... шу тариқа тарқайди! Мана шундай яшаш афзалроқ эканлигини одамлар ўз ҳаётларида кўрадилар, иқрор бўладилар! У ёқда...

Онаси дарвозадан кириб келган ўғлини кўрди-ю, хўрлиги келиб йиғлаб юборди.
– Қаёқда қолиб кетдинг, болам? Қара, бор. Мени яқин йўлатмаяпти.
– Яқин борманг, эътибор бераверманг дедим-ку.
– Бор, айвонга чиқ, тирқишдан қара-чи, – деди онаси унга шипшиб.
– Секин, ойи! – қарийб жеркиб юборди Умид. – Оҳ-воҳингизни эшитиб қолса, баттар қилади.
– Мен ов-воҳ қилмасам, сан кўчадан бери келмасанг... Бепарво бўлиб қоляпсан, ўғлим, сезиб турибман. Ман бир ёқли бўлиб кетсам!..
Умид бундай пайтлардаги онасининг дийдиёларига эти қотиб кетганди. Шу сафар у касали тутган Опасига атайин одатдагидек эътибор қилмасликни, яъни уни изидан қолмай, пойлоқчилик қилмаслигини, шу билан уни ўз ҳолига қўйишни синовдан ўтказаётганини онасига тушунтиргиси келмаётган эди, У айвонга чиқиб борса қайтанга ишнинг пачаваси чиқиши муқаррарлигини биларди, фақат буёқда онасининг кўнглини ўкситмаслик учун ҳам... Шу пайт Опасининг хонасида нимадир гурсиллади, кетидан чинни идишнинг шарақлаб тушиб, чил-чил сингани эшитилди.
Опаси қозонни боши узра кўтариб токчага отган шекилли, Умид айвонга ирғиб чиқиб бориб, сездирмайгина эшик тирқишидан мўралаганида Опаси ҳамон икки қўлини боши тепасида кўтарганича девор томонга хезланиб, оёғи остига чил-чил бўлиб тушган чинни парчаларига ғолибона анграйиб турарди.
Опаси капгир қирраси билан токча деворини уришга тушди. Умид мўралаб турган эшик тирқишидан оппоқ ғубор паға-паға бўлиб, сизиб- сирғалиб чиқа бошлади. Опаси ўқчиб йўталди.
– Рўзғоримми бўлак қиламан! Кўрсатиб қўяман, сенларга!..
Опаси шундай деб жавраганича қозонни токчага қўйди, унинг теграсига косаларни қаторлаштириб терди.
– Ўчоқни шетга қураман!.. Қозонни тўлдириб-тўлдириб овқатлар пишираман! Кўрасанлар ҳали!..
У шундай деб улгурмай, қўлида гугурт пайдо бўлди. Умид чўчиб тушди. Нима қилишини билмай, орқага аланглади. Онаси айвонга чиққан, ўғлининг орқасидан келиб минг хавотирда вужуди қулоққа айланиб турарди. Ичкарида гугурт чақилди.
– Гугуртни беркитиб юринг дегандим-ку, ойи!..
– Вой, шўрим қурсин!.. Қаттан оганини билмасам!..
Умид зудлик билан бир қарорга келиши, қандай бўлмасин, ичкарига кириб Опасининг қўлидан гугуртни тортиб олиши ёхуд алдаб-сулдаб бўлса-да, унинг гугурт чертишига йўл қўймаслиги керак эди. Шу пайт мутлақо кутилмаган фавқулодда воқеа юз берди!

Азиз хорижда орттириб келган қарашларидан қайтадиганга ўхша¬мади-ю, вазиятни кескинлаштирмай Фарҳоднинг тутунини пасайтириш эпини ҳам топди.
– Мен ҳам ўзбекман, ўзбекчиликдан кечиш ниятим йўқ, – деди у кўксига муштлаб. – Бундай каззоблик менинг қўлимдан келмайди.
– Отиб ташлашимдан қўрқдинг-а? – боягиндан анча юмшаб тир¬жайди Фарҳод.
– Сендек қиёматли дўстимнинг кўнгли отишни тусаган бўлса, мен тайёр! – деб юборди Азиз тантанавор оҳангда. – Шартта отиб ташла, ғринг деган номард!
– Ана – ўзбек, мана – ўзбек! – Ҳа-холаб Азизни қучоқлаб олди Фарҳод.
– Мард йигитнинг одамгарчилиги мана шунақа бўлади. Тўғрими, ука?!
У шундай деб Умиднинг елкасига кафти билан урди. Умид кулим¬сиради.
– Тиржайиб қутиласан-а, айёр! Бирор нарса де, гапир!
Умид Фарҳоднинг талабини ерда қолдирмади.
– Ўзбек одамгарчилик йўлида ҳам ўлиб кетаверади...
Умид бир ўқ билан икки қуённи мўлжалга олган, зеро у ўзича Азизнинг ғояларига ҳам, Фарҳоднинг норозиланишларига ҳам тўла қўшилмаган, ҳар қандай икки хил тўғри қарашдан учинчи бир янада теша тегмаган оқилона йўлни топиш мумкин деган ақидасидан кечолмаётган эди...

Азизга қолса, Умид... онасининг кўзёшларини, ожизона илтижо¬ларини эътиборсиз қолдириши, Опасининг жунуни тутган пайтлар... у соғлигида укасидан меҳрини аямайди... Оталик қилаётган Устоздан воз кечиши, унинг тепасида юрагини зардобга тўлдириб ўтиришдан кўра, илмини пухталаштириш йўлини ўйлаши... ҳатто Котибанинг баҳридан... «Мусофирчиликда юриб, уйланишни унутиб юборма, тағин» деди Умид дўстига самимий танбеҳ бериб. Азизнинг жавобидан ҳайратга тушди. «Тўғрисини айтсам, оила қуришни хаёлимга ҳам келтирмадим. Ўйласам, юрагим увишади, чунки, уйлансанг, тамом, хотин, бола-чақанинг камига илинасан!» Умид Котибага ошиқу беқарор бўлиб қолганини яширмади, Азиз жуда совуққонлик билан яхши, деган маънода бош ирғади. «Севиш-севилишга нима етсин, бу ҳар кимга ҳам насиб этавермайдиган мўъжиза, лекин унинг исканжасига бир илиндингми, умринг бўйи ундан қутилолмай хасратда ўтасан. Буёғини ҳам унутма, оғайни!» Демак, Умид Котибанинг баҳридан... қабулхонада ўрнидан қад ростлаб, ўзига илтижо, меҳр-шафқат билан тикилиб-термилган нигоҳлари билан унинг устидан босиб тушаётган тоғдек юкдан халос қилган Котибанинг... Устознинг хасталигидан ўзига сирдош тутиб бохабар қилган, ҳуши қолиб, тушларига кириб чиқаётган Котибанинг... Онасидек меҳрибонлик билан «овқатланиб олинг» деган, уни кўрганда ўзини йўқотиб қўяётган, хаёлини бир зум бўлса-да, тарк этмаётган, тасаввурида ҳатто ҳовлисига, уйига бориб, у билан ёнма-ён юрган, турган ҳуши қолиб, тушларига кириб чиқаётган Котибанинг баҳридан ўтиши!.. Олим бўлиш йўлида барчасидан воз кечиши!.. Азиз! Азиз дўстим, қаёқдаги ғалваларни матоҳ дея кўтариб келдинг, бизга, оғайни?!

Орага тушган жимлик тўфон бўсағасидаги қалтис ва омонат сукунат эканини Умид сезиб турганди. Азиз нима деса барини маъқуллашга ўтган Фарҳоднинг кутилмаганда мулойимлашиб, ичида йиғиб турган заҳрини пуркаш мавридини ўғри мушукдай пусиб пойлаётганини ҳам тахмин қилиб турганди. Ўйлагандек ҳам бўлди.
– Азизбой, оғайни, – деди Фарҳод тамоман ақлдан озган одамни инсофга чорлаётган оҳангда ясама босиқлик билан, – инсон инсон бўлибдики, бир биридан андоза олиб яшайди,бир бирига ўргатади, бир бирини тарбиялайди. Назорат дейсанми буни, оёғига урилган кишан дейсанми – ихтиёринг, лекин ўзбек шундай я-шай-дд-и! Ўзбекчиликни, ўзбекона одамгарчиликни чидаганга чиқарган!.. Ҳеч ким ҳеч ким билан иши бўлмаслик, ҳар ким ҳушига келган номаъқул бузоқнинг тезагини титиб юравериши... гапнинг ўғил боласини айтсам, бола-чақадан, ота-онадан воз кечиш эвазига эришиладиган ва сен мақтаётган ўша тезликнинг ҳам, шиддатнинг ҳам тараққиётига қўшиб афтига тупурдим! Эришган тараққиётига қўшмозор қилади, ўшаларингни, худо, тушундингми?! Ўзбек икки дунёдаям сен осмонга кўтараётган, ақл-ҳушингни ўғирлаган йўлга юрмайди. Қаерда яшаш ихтиёринг, илло-билло бу гапларимни қулоғингга қуйиб ол, бола!..

– Оғир беморлар ётадиган палаталар бор-ку, – деди Устоз рўпарасида ёки ёнгинасида ўтирган кишиларга ортиқча эътибор ҳам қилмай қўйган кунларнинг бирида, – реанимация дейишармиди?.. Менга қолса, ўшандай палаталар шифтини гумбазли осмон қилиб ишлашса...
Умид жимгина Устоздан кўз узмай ўтираверди. Устоз бирмунча фурсат жим бўлиб қолди. Чамаси у бошлаган гапининг мазмунини унутиб қўй¬гандек эди. Умид аввалига саволназари билан қаради-ю, беморни ортиқ уринтирмаслик ниятида индамай қўя қолди. Шунда Устоз гапининг давомини топди:
– Айтмоқчиманки, ўша гумбазга юлдузлар сурати туширилса, оғир ётган одамнинг хаёли осмонга, юлдузларга кетади... Ҳар кимни кўкда ўз юлдузи кузатиб турган бўлади. Одамларга айтолмай, ошкор этолмай ичингда қолган гап-сўзларингни, орзу-ниятларингни бор-борича ўша юлдузларга тўкиб соласан, улар жимгина тинглайди, раъйингни қайтар¬майди, сазангни ўлдирмайди, термиле-еб сени кузатиб милтираб тура¬веради... майли-да, анча енгил тортасан...

Яна, менга қара, – деди қарийб дағдаға билан Фарҳод забтига олиб, – «бу ёқда», «у ёқда» деб жа катта кетаверма! Аслини айтадиган бўлсак, ҳар бир одамми изидан тушиб, пойлаш ўша сенинг юртингдан чиққан! Одамларни пойлаш, босган қадамини кузатиш, оғзидан чиққанини хуфёна ёзиб олиш – таъқиб этиш ускуналарининг энг додаларини ҳам ўша томонларда ўйлаб топишган. Тўғрими?!
Умид мунозара даҳанаки жангга айланиб кетишидан хавотирда гапни ҳазилга бурди:
– Фарҳод ҳам унча-мунча халқаро шарҳловчидан кам эмас, – деди кулиб. – Уйида телевизорга ёпишиб олиб, ҳамма нарсани билиб ётади. Ҳақиқатни айтганда, ҳар бир одамни таъқиб этиш, кузатишни қўя турайлик, оғайни, ўша сен мақтаётган давлатинг ер юзидаги ҳамма давлатларни тепасида турган кузатувчига айланиб олмоқчи-ю! Бурнини суқмаган жой қолмади ер юзида!
Азиз қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди.
– Нега менинг давлатим бўлади, Фарҳод?! Нега менинг юртим бўлади у томон, Умид?! Сал ўйлаб гапирсаларинг-чи!
– Ўзинг...
– Азиз Фарҳодни гапиргани қўймади.
– Гуноҳим уч йилга ўша ёқларга бориб келганимми?! Кўрган-нетганимми сенларга гапириб берганимми?! Шунинг учун мени она юртимдан бадарға қилмоқчимисанлар?! Мендан юз ўгирмоқчимисанлар?!

– Барибир овқат пишираман!.. Қозонни тўлдириб пишираман!..
Опаси шундай дея қозонни токчадан олиб, уни девор пойига тақаб ўрнатди, чўк тушди-да, бир парча қоғозни ғижимлаб уни ёқишга тутинди. Умиднинг қўли беихтиёр эшикка тегиб кетди.
– Изимдан пойлаб ўл-а! Ҳу, турқинг қурсин, исковуч!..
Опаси шундай деб кескин қад ростламоқчи бўлди-ю, қалқиб кетиб, жойига ўтириб қолди. Капгирни олиб, ўтирган жойидан қуруқ қозонни даранглатиб кавлашга тушди. Бу орада Умид ичкарига мўралаб улгурган, лекин у ёққа қадам босишга жазм қилмаган эди. Кутилмаганда... Опаси ўтирган жойида бир нуқтага тикилганича хийла фурсат жим қолди, шу ҳолида у қотириб қўйилган жонсиз танага ўхшар эди. Умид Опаси яна қанча вақтгача қимир этмаслигини ўзича тахмин қилиб чамалаётганида Опаси гўё боши қаттиқ оғриган одамдек икки кафтини икки чаккасига босганича кўзларини чирт юмди, бошини орқага ташлади, кўзини очди-ю, бу сафар кафтларини кўзларига босди. Умид Опасининг бундай хатти-ҳаракатини биринчи бор кўриши эди, эшик тирқишидан ичкарига кириб кетгудек алфозда тумшуғи, башараси билан эшикка тирғалди.
– Келдингми, Умид, ке...
Опасининг товуши шу қадар мулойим эшитилдики, азабройи Умиднинг юраги эзилиб кетди. Опасининг шу икки оғиз сўзида ҳам илтижо, ҳам боягина айтган ҳақоратлари учун хижолатвозлик, ҳам... ҳавас оҳанги бор эди. – Киравер, укам, еб қўймайман. Ёнингдан кетмай қолди-ку, яхши қиз экан, қўрқмай келаверсин...
Умид лом-мим деёлмади, ҳали ҳеч кимга ошкор қилмаган, ҳатто онаси ҳам равшанроқ сезмаган «ёнидаги»ни, мана, Опаси худди кўрган, билган, танигандек айтиб турибди! Умид Опасига маъқул келадиган сўз топишни ўйлаётиб, оёғининг ёнгинасида ётган гугуртни сездирмай олишни мўлжаллади. Бироқ у бунга жазм этиб улгурмай Опаси бояги-бояги алфозда ўтирган жойидан гугуртни олиб, укасининг қўлига тутқазди. Унинг хаёли ҳамон тиниқлашмаган эди, паришонлиги кўзидан сезилиб турганди. Умид гугуртни кафтида тутганича, уни яширишга шошилмади. Чунки унинг ҳар бир хатти-ҳаракати, кўз қараши, ҳатто хаёлидан кечаётганлари Опасига қаттиқ таъсир қилишини яхши биларди.
– Мен тузалиб қолдим, Умид, – деди Опаси бошини қуйи эгиб маҳзун товушда, – ҳаммаларинг кираверинглар, овқат сузиб бераман...

Вақт алламаҳал бўлиб қолганига қарамай Умид Азизникига етиб борганида ҳовли чароғон ва гавжум эди. Чамаси Азиз ҳам анча ҳаяллаб эндигина кириб келган чоғи, уни кутавериб тоқати тоқ бўлган қариндош-уруғ, ёр-биродарлар уни ўртага олишган, бири олиб-бири қўйиб чекка-чеккадан савол ёғдиришар, Азиз шунчалик толиққан эдики, уларнинг ҳеч бирига ёлчитиб жавоб беролмаётганди.
Умид эса... Опасидаги ўзгаришни кўрган кўзларига, гапини эшитган қулоқларига ишонолмаётганди. Наҳотки, Котибадан хабар топган, наҳотки, Умиднинг ҳардамхаёл бўлиб юришларидан кўнгли сезган бўлса?! Келиннинг пойқадами ёқиб, Опаси тузалиб кетса-чи!.. Қўрқмай келаверсин, деди, демак, Опаси Умиднинг уйланишига қарши эмас, унга тўсқинлик қилмайди, балки келин тушишини орзу қилаётгандек!..
Азиз қолиб, ҳаммани ўзига қаратиб ўтирган Фарҳоднинг оғзи қулоғида экани дарҳол сезилди. Умид сўрамаса-да, Фарҳод бунинг боисини тушунтира кетди:
– Ёру дўстларнинг кўплиги шундай пайтларда иш беради, ука, – деди у Умидга. – Акам ҳужжатларни топшириб қўйибдилар-да, буёғи қонуний битаверади де-еб юраверибдилар! Бир ойда ҳам навбат келмаган! Ман айтиб қўя қолай, умрингни охиригача кут, навбат кемайди ҳам!.. Воҳ-ҳо, ҳей-й!.. Битта печат деб, акам йўлдан қолиб кетарди, ўзиям!..
– Печатни сен қўйиб бердингми? – истеҳзо аралаш сўради Умид.
– Тўғирладим-да, ишқилиб. Янги улфатлардан бирининг амакиси ўша идора каттаси билан ошна деб эшитгандим. Дангалига бордим. Иш халта дедим. Гап йўқ деди. Самолёт учишига тўрт соат қолганда Азизтойнинг ҳужжатига печат юмшоққина қилиб босилди.

Бир фавқулодда ҳолат бошқасини етаклаб келади деган гапнинг қанчалар тўғри эканини Умид ўз тажрибасида бошидан ўтказди. У Опасидаги ўзгаришдан ҳамон ўзини қўярга жой тополмас, уни бировга айтишга ҳам шошилмаётган эди, бир кўнгли Устоздан хавотири аримаган бўлса-да, қиёматли дўсти билан олис сафар олдидан хайрлашиб қўйиш ниятида ниҳоят Азизларникига етиб келганига хурсанд, шу кайфиятда хаёлларини йиғолмай Фарҳоднинг ҳангомаларини эътиборсиз тинглаб ўтирганида телефон овоз берди. Ким қиляпти? Онаси эмасдир? Фарҳод шу ерда, бошқа... тинчлик бўлсин-да, ишқилиб!.. Устознинг уйидан бўлса-чи?.. Худо сақласин!.. Хаёлига келган ўйдан Умиднинг юраги қинидан чиқиб кетаёзди. Шошилиб, ҳатто телефон ойнасига кўз югуртирмай, унинг қулоғини очди.
– Лаббай!
– Умид ака!..
Умид турган жойида қотиб қолди. Аста-аста юриб, ўзини одамлардан четга олди.
– С... сиз... Сизми? Мен ўзимман. Гапираверинг, эшитяпман, гапираверинг!..
– Умид ака, – Котиба қиз, у ҳам ҳаяжонландими ёхуд йиғламси¬ра¬дими, Умид шошганидан тушунолмади, диққатини жамлашга ҳаракат қилиб, қулоқ солди. Қиз зумда ўзини қўлга олиб, айтди: – Опоқи қўнғи¬роқ қилдилар, тезда уйларига етиб борар экансиз!..

Умиднинг кўз олдида новча дўхтир йигитнинг бўй-басти пайдо бўлди. Опоқи уни биринчи сафар, «Марказнинг баннисасидан, домлага бириктирилган дўхтир» деб таништирганидан буён яхши билади, ўша-ўша дўхтир йигит билан кўп-кўп мулоқотда бўлди, унинг ўз касбини пух¬та эгаллагани, босиқ ва синчковлигига Умид кўп гувоҳ бўлди. Нега у кеча ё бугун Устоздан хабар олмади? Беморнинг аҳволи олдинга қарай¬диганга ўхшамаяпти.

Умид Фарҳод ва Азиз билан ёнбошла-аб отамлашиш уёқда турсин, улар билан бемалолроқ гаплаша олмади. Айниқса Котибанинг қўнғи¬роғидан кейин у тамом ўзини йўқотиб қўйди. Азизнинг ўзи ҳам гурунг¬лашадиган аҳволда эмасди, бунинг устига, ҳадемай йўлга отланиши, унга қадар юкларини тартибга келтириши керак, буёқда онаси шўрлик келганингдан бери тўйиб гаплаша олмадим-а, ўғлим, деб кўз ёши қилиб олди.
Азиз Умидни кўчага кузатиб чиқди. Қучоқлашиб, хайрлашишди.
– Юр, олиб кетаман, – деди Азиз ҳазиллашиб. – Дунё жуда кенг, оғайни...
Умид Устознинг уйига ета-етгунича шуни ўйлаб борди. Дарҳақиқат, нега бирон марта чет юртларга боришни кўнгли тусамади? Ўйлаб кўрмади, ҳавас ҳам қилмади? Азиз тенгқури, ўзи билан бирга улғайди, ҳаётда йўлини топиб олди. Йўлини топганмикан? У асли шундай: доим ҳеч кимнинг хаёлига келмаган бир ғалвани бошлаб юради. Хорижда, мусофирчиликда нималар қилиб тентираб юрибди? Боя кимдир сўради-я: топиш-тутишингни тайини бўлмаса уёқларда нималар қилиб юрибсан ўзи, Азиз деб. Дарвоқе, Умид ҳам, Фарҳод ҳам шуни сўраб-нетишмади. Нима қилиб юрибди, Азиз мусофирчиликда?.. Икки ҳафта бурун учрашишганда Умид шунга яқин савол қотди. Ўзим ҳам билмайман, деди Азиз. Бир оз ўтиб, тўсатдан ўзи худди энди англаб етган янгиликни айтаётгандек чиройи очилиб деди: у ерда мени кузатувчилар йўқ. Ҳеч кимнинг мен билан иши йўқ. Мен ўзимга ўзим хўжайинман. Фалончи нима деркин, фалончига ёқармикан-ёқмасмикан, деган тушунчаларни унутиб ҳам юборасан, бунинг завқини тушунтириб беролмайман, Умид... Талабалик йиллари Катта чўлга пахта теримига боришган. Кунда-кунора баракда Азизни излаб қолишар, сабоқдошлар орасида ўрнатилган қаттиқ тартиб-интизомга, устма-уст берилаётган танбеҳу огоҳлантиришларга қарамай, Азиз яна туман ё вилоят марказига кетиб қолаверар эди. Уёқларда нима қиласан, сандироқлаб Азиз, деб сўради, бир куни Умид. Азиз айтди – район марказими, област марказими аҳамияти йўқ, муҳими сени ҳеч ким танимайдиган, бирортаям таниш-билиш бўлмаган жойларда юрсанг ўзингни мутлақо бошқача ҳис қиласан, одам!.. Демак, бундан чиқди, Азиз ўзи билмаган, англаб етмаган ҳолда, мана энди Устозни ўйлантираётган Умид ўрганишга чоғланаётган бир ҳолатни ўзида синаб кўрган, ҳамон синашда давом этмоқда.
– Устозингни Котибасига шунчалик ишқинг тушибди, қандингни ур, севги-муҳаббат одамни бошқа барча машмашалардан халос этади, – деди Азиз. Бу гапни у Умидга ҳаваси келиб айтгандек туюлди.
– Раҳмат, – деб оғзининг таноби қочди Умиднинг. Бироқ Азизнинг гапи тугамаган экан.
– Дунёнинг ташвишларидан қутқаришга қутқаради-ю, унинг ўзи дунёга сиғмайдиган ғалва, изтиробларга дучор қилади одамни...
– Дўстининг гапи қанчалик оғир ботмасин, ҳаққи рост, Умид буни кўриб-билиб юрибди: ҳамма ўй-ташвишлари ҳам бир, Котиба қиз ўғирлаган хаёллари ҳам бир!.. Унинг дийдорига етишиш учун Умид бошқа ҳар қандай азиз нарсасини бой беришга тайёр!..
У бутун диққат-эътиборию саъй-ҳаракатини бир нарсага бағишла¬моқчи, шу йўлда, Азиз дўсти уқдирмоқчи бўлаётганидек, ҳеч нарсага чалғимасликка, ўзини шу мақсадга бағишламоқчи ва одамлардан кузатувчимисиз ё кузатилувчимисиз дея сўрамоқчи, шу биргина саволни «Уст-бошингизга қараб қўйинг дегандек жуда оддий, жўн ва кундалик саволга айлантирмоқчи, насиб этса одамларни ҳамиша ушбу саволга жавоби тайёр бўлмоқликка ундамоқчи, одатлантирмоқчи эди... Опасига васийлик, яъни пойлоқчилик, яъни кузатувчилик бурчи ҳақида... ундай деса, чуқурроқ ўйлаб кўрса, у Опасини эмас, Опаси уни кўпроқ, синчковроқ кузатишини сезиб қолди, буёқда онаси, Устози, қолаверса, жонажон дўсти Фарҳод ҳам уни ҳоли-жонига қўймай кузатиши, Умид улар учун кузатилувчи эканлиги – Умид буларнинг ҳеч биридан халос бўлиб, ўзини улардан дахлсиз ҳис эта олмаслигини ўйлаб, ахир онасининг илтижолари қулоғида, фикр-хаёли Опасида, Устознинг тепасидан жилаётгани йўқ, қиёматли дўстлари билан одатдагидек ҳамнафас, фақат шундай бир пайтда фавқулодда мўъжиза юз берди!.. Бу мўъжиза Умиднинг тамомила ўзига банди қилди-қўйди!.. Буни биринчи бўлиб Опаси сезди, топиб айтди у – фақат Котиба қиз унинг ёнида эмас, ичига – вужуд-вужудига сингиб кетди, фикри хаёлига, нафасига айланди!..
– Сиз, – деди Умид қизга ясама ўқрайиб.
– Сиз ўзингиз, – деди Котиба қиз ўпкаланиб.
– Сиз!! – деб юборишди улар бир-бирларига ва бараварига қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборишди...

Умид шошганича Устознинг ҳовлисига кириб келди, тўхтамай юриб бораркан, опоқи билан кампирнинг равонда – бемор ётган каравот тепасида куймаланишиб туришганини кўрди. Опоқи Умиднинг шарпасини сезди-ю, пиқиллаб йиғлаб юборди. Умид Устознинг катта-катта очилган ва лекин ҳеч бир маънони уқиш қийин бўлган кўзларига қараб қўрқиб кетди. Гапирай деганди, тили калимага келмади.
– Келақолинглар! – деди опоқи ҳовли томонга қараб.
Равонга аввал кекса ёшдаги оқ сочли киши, изидан новча дўхтир йигит киришди. Кекса киши вазмин қадамлар билан беморнинг тепасига борди, дўхтир йигит кўзини бемордан узмай бош эгиб каравот ёнида укасининг елкасига кафтини босиб турган кампирга салом берди. Кампир бетини терс бурди, унинг умид иплари узилган қарашларида «Сенлар уддасидан чиқадиган юмуш қолмади» деган аччиқ иддаони уқиш мумкин эди.
Новча дўхтир йигит шошилинч жомадончасини очиб, ундан аллақан¬дай асбоб-анжомларини чиқариб, оқ сочли кишига узатди. У киши керак эмас деган маънода бош чайқади. Шифокор йигитнинг шундайига ҳам офтоб кўрмаган бетидан баттар қон қочди.

Умиднинг вужудини қўрқув қамраб олди. У ўзига ўзи жудаям ожиз, бечора туйилиб кетди. Нима қилиш керак?! Қандай воқеа юз беряпти? Нима бўлади энди?! Шартта равондан, сўнг ҳовлидан чиқиб дуч келган томонга қочиб кетса-чи? Устознинг шу аҳволини кўрмаса, ҳеч нарсани эшитмаса?! Қочиб чиқса-ю, ҳамма-ҳаммасини унутса?.. Кўзига ҳеч нарса кўринмаса... Кўринмаса... Кўзларига...
– Жуда ғалати бўлган-а, Умид ака! Тавба, ичкаридан шундай бир аҳволда чиқиб келдингиз-у, сизга қараганимча ўзим ҳам кўз узолмай қолибман! Сиз ўзингиз ҳам чурқ этмай қараб туравергансиз-а?
– Халал бермай деганман...
– Нимага халал бермай дегансиз?
– Фаришталарга... Ўша жим бўлиб бир-биримизга тикилиб, термилиб қолганимизда фаришталар икковимизнинг қалбларимизни қовуштириб қўйишаётганини сезгандайман. Ўшаларга халал бермай деганман!..

Ҳовлидаги сўри ёнида пайдо бўлган кўлаганинг Мақсуд эканлигини Умид бир қарашда таниди. Мақсуд шошилиб, лекин шовқинсиз юриб келиб, ўзини равонга урди. Ҳеч кимга қарамай, тўғри отасининг ёнига келиб чўк тушди.
– Дада!..
Мақсуднинг товуши бўғилди. У дик этиб туриб эшик томон югурди. Остонада пайдо бўлган қора соқолли, басавлат, узун чакмон кийган, кўк дўппили мўйсафид домлани ичкарига шоширди. Уни кўрган аёллар изма-из равонни тарк этишди. Мўйсафид вазмин юриб, беморнинг тепасига борди. Икки бармоғининг сиртини Устознинг манглайига текки¬зиб, иссиғини билмоқчидек бир зум жим қолди. Беморнинг оғир-оғир, узуқ-юлуқ нафас олишига разм солди. Ер остидан шифокор йигитга назар ташлади. Шифокор йигит қўлини қовуштирганича ўзини четга олган, боягиндан кўра хийла хомуш тортган, бу орада оқ сочли кекса киши таш¬қа¬рига чиқдими, равонда кўринмай қолган эди.
Мўйсафид домла хонтахта ёнидаги кўрпачага чўк тушганича овозини пастлатиб, ўзига ўзи гапираётгандек пичирлади:
– Ҳар жоннинг изни ўзингда, парвардигор... Бор қилгувчи ҳам, йўқ қилгувчи ҳам ўзинг...
Умид ялт этиб домлага қаради. Мўйсафид унга эътибор қилмади. Ярим тун сукунатига озор етказмайгина жаранглай бошлаган садони эшитган Умиднинг аъзои бадани жимирлаб кетди:
Я-си-ин-н. Вал қуръанил ҳаки-и-м-м...

Qayd etilgan